ББК 84.4
О39
Огородникова М. М.
О39 Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси. — СПб.: Шандал, 2007. — 112 б. — (Тиллақўнғиз).
ISBN 978-5-94861-084-9
Митти деган тиллақўнғиз ва унинг дўстларининг саргузаштлари ҳақидаги қувноқ ва ибратли эртак мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган. Ёш китобхонлар нафақат ҳашоротларнинг турли-туман олами ҳақида билиб оладилар, балки китоб қаҳрамонлари билан биргаликда ўз яқинларига нисбатан самимий, сахий, эътиборли, раҳмдил, хайрихоҳ бўлишни ҳам ўрганадилар. Эртак қаҳрамонларининг ҳар бири ҳаётидан олинган кичик воқеалар Муқаддас Китобга асосланган доно ўгитлар билан якунланади.
ББК 84.4
ISBN 978-5-94861-084-9
© «Шандал» нашриёти, 2007
© М. М. Огородникова, 2007
МИТТИ ТИЛЛАҚЎНҒИЗ
МУНДАРИЖА
СЕРҚУЁШ ЎТЛОҚЗОРДАГИ САРГУЗАШТЛАР
Беҳаловат тун
Миттивой қандай қилиб дўст топиб олди
Кекса арининг туғилган куни
Шошқалоқ Ғалла қўнғизи
Ёмғирли кун
ТАП-ТАҚИР ЧЎЛГА САЁҲАТ
Каркидон Каркидонбоевич
Қазувчи Афодий
Кимўзар пойга
Бақалоқ қўнғизларни қутқариш
Бадарға қилинган генерал
ЯНГИ УЧРАШУВЛАР
Адмирал ва Чакамуғ
Чақалоқ филча
Амазонкалар босқини
Кеккайган Ялтироқ Қўнғиз
Фазогир ўргимчак
СЕРҚУЁШ ЎТЛОҚЗОРДАГИ САРГУЗАШТЛАР
Беҳаловат тун
Серқуёш ўтлоқзордаги катта ўрмонда кичкинагина тиллақўнғиз яшарди, у жуда ҳам кичкина эди. Ота-онаси уни “бизнинг миттигинамиз” деб эркалатишар экан. Шундай қилиб, бу унинг исми бўлиб қолган эди.
Титллақўнғиз бу исмдан хафа бўлмас эди. Митти бўлгандан кейин Митти-да. Аммо Серқуёш ўтлоқзорнинг баъзи аҳолиси унга бир оз қўпол лақаб беришган эди.
— Эй пакана, оёқ остида ўралашаверма, - деб таҳдид қиларди муғомбир буғу унинг ёнидан ғизиллаб ўтганда.
— Ҳе-ҳе-ҳе, қаранглар. Қандай насл пайдо бўляпти-я, фақат тирмизаклар! – деб гапиришарди тиллақўнғизнинг орқасидан эшшакқуртларнинг хўппасемиз бувилари. – Гапиришга ҳам арзимайди, ҳаммаси уқувсиз, такасалтанг! Улар бирон ишни эплай олмайдилар.
— Вой, ўлиб қоламан, қаранглар, қанчалар кичкина-я! Бунинг устига, учадиям! – деб Миттивойга бақиришарди дилозор чигирткалар. – Ҳов, эҳтиёт бўл, тағин қанотингни йиртиб қўймагин!
«Ҳечам-да, мен каттаман! — деб ўйларди ўзи ҳақида тиллақўнғиз. — Бўйим паст бўлса, мен айбдорманми?!»
Миттивой ҳар куни шундай дилга озор берадиган сўзларни эшитавериб, “мен кераксиз жонзот эканман-да”, деб ўйлайдиган бўлиб қолди. У бошқалар билан мулоқот қилишдан қочишга ҳаракат қилар, охири, баланд дарахтлар ўсиб ётган ўтлоқзорнинг чеккасига учиб кетди. У ўша ерда қалин ўтлар орасига яшириниб, ярим тунгача орзулар оғушида бўлди.
Тиллақўнғиз тунги осмонда милт-милт этиб кўриниб турган юлдузларга қараб завқланишни яхши кўрарди. Осмоннинг улканлиги ва бепоёнлиги уни ҳайратга соларди. Бундай лаҳзаларда Миттивой ўзини оламнинг бу қадар кенгликларида заррадай ҳис қиларди.
«Қанийди энг кичкина юлдуз бўлиб қолсам, шунга ҳам рози эдим. Мен ўрмонни ёп-ёруғ қилган бўлардим, ҳеч ким мени тирмизак деб айтишга журъат қилмаган бўларди», — деб чуқур нафас олди тиллақўнғиз.
Тўсатдан Миттивой ғарб томондаги шовқин-сурон ўтлоқзорни тарк этди ва тарвақайлаб кетган қайин дарахти тепасига учиб келди. У маюс ҳолда бир барг устига ўтираверди.
— Қани, орқада қолиш йўқ! — деган овозни бирдан эшитиб қолди у. — Баландроқ сакранглар, дадилроқ, дадилроқ!
Тиллақўнғиз пастга қараб, қайин дарахти остида бир гуруҳ чигирткаларни кўрди, улар машқдан қайтишаётган эди. Олдинда Чаққон амаки сакраб келар, унинг ортидан эса шогирдлари келишарди.
— Бир. икки! Бир, икки! Ким маррага биринчи бўлиб етиб борса, энг яхши сакровчи унвонига сазовор бўлади! Шошилинглар, болалар! Қоронғу тушиб қоляпти!
Чигирткалар жуда шошилишарди Ким ҳам шундай шарафли унвонни рад қилган бўларди?! Чаққон амакининг шогирдлари ўз ишларига шунчалик берилиб кетган эдиларки, Кўк чигиртка баланд сакраган пайтда ерга ноқулай тушиб, оёқчалари лат еганини уларнинг биронтаси ҳам сезмай қолди.
— Вой-вой-вой! Нима бўлди ўзи?! Чаққон амаки! Ёрдам беринг! — деб бақирди бечора чигиртка.
Аммо унинг овозини ҳеч ким эшитмади, фақат...
— Эй, қаттиқроқ жароҳат олдингми? — деган овоз юқоридан эшитилди, бир лаҳзадан кейин чигиртканинг олдида худди кичкина ёруғ юлдуз ялтирагандай бўлди.
— Нима бало, ҳатто тилдан ҳам қолдингми? — Миттивой саволига жавоб олмагандан кейин, ҳақиқатан ҳам қўрқиб кетди. — Вой шўрим! Энди нима қиламан-а?
— Гапира оламан, ваҳима қилма, гапира оламан! — дея жеркиб жавоб берди Кўк чигиртка. — Сен ўзинг-чи, қўлингдан нима келади? Сенга ўхшаган чурвақалар фақат йилтиллашни дўндиради, холос.
Чигиртка кайфияти йўқ ҳолатда эди. Унинг оёқлари қаттиқ оғрир, сакрай олмасди, уйигача эса ҳали жуда узоқ. Кўк чигиртка ўзини шунчалик ёлғиз, бахти қаро ҳис қилардики...аммо қандайдир тиллақўнғиздан ёрдам олишни эса у асло истамасди.
— Сен менинг бўйимга қарама, — деб чигирткани тинчлантирди Миттивой. — Мен тез учаман, бирпасда ёрдам кўрсатгани учиб бора оламан. Сен фақат қўрқмагин, бўптими? Истасанг, қайин баргидан олиб келиб, устингга ёпиб қўяман, ҳеч ким сенга тегмайди.
Миттивой чигирткага далда бермоқчи бўлиб, унинг атрофида парвона бўларди. Миттивой қийналиб-қийналиб катта қайин дарахти баргини судраб келди ва бу дикирловчининг атрофида куймаланаверди.
— Мана, энди сенга иссиқ бўлади. Муҳими, ўзингни бардам тут! Мен кўз очиб-юмгунча учиб бориб, қайтиб келаман. Бўптими?
Чигиртка бошини ликиллатди. У ўзини ноқулай сезарди, ахир, унга шу Миттивой ёрдам беряпти, Кўк чигиртка дўстлари билан уни неча марта мазах қилган эди-да.
Миттивой эса бутунлай бошқа тавишда эди. «Тезроқ учиб боришим керак! Тезроқ учиб боришим керак!» — деб ўзига қайта-қайта гапирарди.
Бир лаҳзадан кейин учқун заррасига ўхшаш тиллақўнғиз осмонга парвоз қилди ва ўзининг ниҳоятда кичкиналигини ҳам унутиб, олға кетди. Миттивой фақат бир нарсани ёдида тутган эди: ҳов анови қайин дарахти остида оёқлари лат еган чигиртка қолган, унга ёрдам бериш керак.
Бир неча дақиқалик йўл Миттивойга бир лаҳзадай туюлди. Мана, ўтлоқзорга ҳам етиб келди... О-о, бу ер алғов-далғов бўлиб ётибди! Ҳамма питир-питир қилиб ҳар томонга югуряпти, сакраяпти, эмаклаяпти, бақир-чақир қиляпти. Шундай шовқин-сурон орасида Миттивой Чаққон амакининг овозини аниқ эшитди:
— У орқада қолган бўлиши керак. Аммо биз уни топамиз! Кўнгиллилар, менинг ёнимга келинглар!
Миттивой тушундики, катта ёшдагилар Кўк чигиртка йўқолганини билиб, қидиришга тушибдилар. Демак, Миттивой тўғри гапираётганини исботлашига ҳожат йўқ. Фақат овозини уларга етказа олса бўлди.
— Эй, Чаққон амаки! Чаққон амаки! Унинг қаердалигини мен биламан! Кўк чигиртка қаердалигини мен биламан! — деб бор овози билан бақирди Миттивой. Чамаси, бундай шовқин орасида уни ҳеч ким эшитмади, шекилли. Шундан кейин тиллақўнғиз Чаққон амакига яқинроқ учиб келди. — Қулоқ солинглар, чигиртка қаердалигини мен биламан!
— Ҳозир ҳазилнинг вақти эмас, ўғлим! — деб Миттивойнинг гапини бўлди Чаққон амаки.
— Тўғрисини айтяпман! — тиллақўнғиз нафаси тиқила-тиқила, юз берган воқеани айтиб беришга шошиб қолди.
Кўк чигиртка тирик эканини эшитиб, ҳаммалари шунчалик хурсанд бўлиб кетдиларки!
— Баракалла, Миттивой, энди ҳамма умидимиз сендан. Қани, бизга йўлни ёритиб бор-чи! – деб буйруқ берди Чаққон амаки.
Шундай қилиб, ҳаммалари тиллақўнғиз ортидан йўлга тушишди.
Бу тун Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси хотирасида узоқ вақт сақланиб қолди. Кўк чигирткани соғ-саломат топдилар ва уни уйига олиб келдилар. Тиллақўнғиз хавотирланди, ниҳоятда чарчади ва бир неча кун ўрнидан туролмай ётди. Аммо бундан у асло хафа бўлмади, балки у бахтиёр эди.
Энди Миттивойнинг ўзи ҳам, унинг атрофидагилар ҳам шуни билиб олдиларки, у — ҳақиқий тиллақўнғиз, бошқаларга йўл кўрсатиб, уларнинг йўлларини ёритишни билади. Ҳамма уни одат бўлиб қолган ном бўйича тирранча, тирмизак деб айтганларида ҳам хафа бўлмасди, аксинча, шундай деб айтарди: «Кичкина бўлсам ҳам, майли. Энди Серқуёш ўтлоқзор аҳолисига керак эканимни биламан».
Шундай қилиб, Митти тиллақўнғизнинг биринчи саргузаштлари ниҳоясига етди. Серқуёш ўтлоқзорнинг жамики аҳолиси бу миттининг бағрикенглигини юқори баҳоладилар. Эҳтимол, сизни, ёш китобхон дўстим, кимдир ҳақорат қилгандир, жиғингизга теккандир, сизни кераксиз бир махлуқот деб ҳисоблагандир? Сиз ҳақингизда шундай одамлар хулоса чиқарганларида шошилманг! Агар бағрикенглик қилсангиз, агар сиз ёрдамга келишга тайёр бўлсангиз, сизни албатта қадрлайдилар, шубҳасиз, сизнинг дўстларингиз пайдо бўлади.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Миттивой қандай қилиб дўст топиб олди
Бир куни Миттивой уйчасидан учиб чиқди. Атрофда ҳаёт қайнайди: хушбўй гуллар устида асаларилар гувиллайди, капалаклар қанот қоқади, ўт-ўланлар устида чигирткалар кечки концерт учун машқ қилмоқда. Фақат тиллақўнғиз нима билан машғул бўлишни билмасди, холос. Уни мактабга қабул қилмадилар, “Сен жуда кичкинасан”, деб айтдилар. Холаси Хонқизи бошлиқ бўлган яслига боришга ўзи истамади: холасининг туфайли у бешгача санашни ўрганиб олган.
— Салом, Миттивой, йўл бўлсин? — деб чақирди қўшни бўлиб яшайдиган Кекса ари.
— Хайрли тонг, ари бобо! Қаёққа боришимни ҳали билмайман.
— Ундай бўлса, менинг дўстим Бешиктерватарникига учиб борарсан? — деб таклиф қилди қўшниси. — Эртага менинг туғилган куним, бешиктерватар эса менинг туғилган кунимни доим унутиб қўяди. Байрамда ҳамма дўстларимни кўрмасам, хурсандчилигим ўзимга татимайди.
— Дўстларингиз кўпми? — деб қизиқди Миттивой.
— О бўлмасам-чи, мен энг катта бойлардан ҳам бойман! — деди Кекса ари, шундай деб катта тукли қорнини силаб қўйди.
— Йўғ-э? — ишонқирамай сўради тиллақўнғиз қўшнисининг тук босган уйига қараб.
— Жуда аҳмоқсан-да, — деди кулиб у. — Мен, содиқ дўстларга бойман, деб айтяпман. Дўстлик — бу ҳақиқий хазина!
Тиллақўнғиз хижолат тортиб, гоҳ у оёғини, гоҳ бу оёғини кўтариб юра бошлади.
— Бўпти, болакай, учавер! Айтгандай, эҳтиёт бўл, тағин учаётганингда биронтаси сенга урилиб кетмасин. Э, ҳозирги пайтда ўпкасини қўлтиқлаганлар жуда кўпайиб кетди-да! — деб бақирди Кекса ари тиллақўнғизнинг орқасидан.
«Албатта Кекса ари амакига яхши. Унинг дўстлари бор, меники эса йўқ, - деб хаёлидан ўтказди Миттивой бешиктерватарникига йўл олар экан. — Қизиқ, у дўстларни қаердан топар экан?»
Тиллақўнғиз ўз хаёлларига берилиб, ҳеч нарсани пайқамади. У учаверди, учаверди, бирдан ёпишқоқ ва қайишқоқ нарсага зарб билан урилиб кетди. Бу – ўргимчак уяси экан! Миттивой эса бунақаси юз беришини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ўргимчак тўқиган ингичка ипларга тиллақўнғизнинг боши ўралиб қолди, оқибатда у бошини у ёқ-бу ёққа бура олмади.
«Қисилиб қолдим, шекилли», — деб ўйлади Миттивой ва олдинга ирғишга ҳаракат қилиб кўрди. ... Фойдаси бўлмади. Яна олдинга ирғиди...Яна ҳаракати беҳуда кетди. У асабийлашиб, бор кучи билан пишиллаганча, оёқларини ҳавода типирчилата бошлади. Ўргимчак тўри лапанглаб кетди ва тўрни тортганни уйғотиб юборди: у катта заҳарли ўргимчак эди!
Ўргимчак оҳиста, шошилмасдан ўзининг ўлжасига томон эмаклаб кела бошлади. Бугун эрталаб яхши нонушта қилган эди, аммо тушликни ҳам ўйлаши керак эди-да!
Шу орада Миттивой шунчалик толиқдики, тўрда тебранолмай қолди. «Ие, бу қанақаси бўлди? — деб хаёлидан ўтказди у. — Балки, ёрдам чақириш керакдир?»
— Ёрдам беринглар! Эй, ким бор? — деб бақирди тиллақўнғиз.
— Бақир, бақиравер! — минғиллаган овоз эшитилди ён томондан. — Сен, ёрдам берадилар, деб ўйлайсанми? Э, ким ҳам бу ерга тумшуғини суқарди?! Бизнинг замонда қаҳрамонларни чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди, қолаверса, сенинг шунчалик ялтироқ бўлганинг беҳуда.
— Сиз кимсиз? — деб сўради Миттивой. — Мен сизни кўрмаяпман. Тушуняпсизми, мен учавердим, учавердим, кейин бирдан бошим билан бир нарсага ўралашиб қолибман. Қаёққа тушганимни билолмадим.
— Тез орада тушуниб оласан, ташвиш тортма, — унинг қулоқлари остида яна ўша қўланса овоз жаранглади.
Бирдан тиллақўнғизнинг кўзлари олдида сержун оёқлар лип-лип этиб ўта бошлади. У ваҳимадан бақиришга ҳам улгурмади, бирдан орқадан кучли зарбани сезди, шу лаҳзада пастга жадал қулаётганини ҳис қилди. Миттивой қанотчаларини тўғрилашга ҳаракат қилди, аммо унинг қанотлари ўргимчак тўрига ёпишиб қолган экан. Шунда тиллақўнғиз кўзларини қаттиқ юмиб олди ва ... кутилмаганда, қуламаётганини, балки учаётганини ҳис қилди. Унинг қулоқлари остида шамол ҳуштак чалар, ғалати гувиллаш эшитиларди. Бир лаҳзадан кейин у ерга гупиллаб тушганини ҳис қилди. Кейин ҳаммаёқ жимиб қолди, аммо Миттивой қимирлай олмасди.
— Ҳей. қаҳрамон, ҳалиям тирикмисан? Худонинг нурига қарагин!
Тиллақўнғизнинг тепасига қора қўнғиз энгашди.
— Сен қандай қилиб ўргимчак тўрига йиқилиб тушдинг? Ҳушёр бўлиб туриш кераклигини наҳоти билмасанг? Бўлар иш бўпти, тур ўрнингдан. Қўрқиб кетган бўлсанг керак-а?
Миттивой нима воқеа юз берганини тушунолмай, каттакон қўнғизга ҳайрон бўлиб қаради. Қўнғиз эса ҳамон тўхтамай гапирарди: “Учиб кетаётсам, сен, Миттивой, ўргимчак тўрида питирчилаб ётган экансан, кейин жуда тез ҳаракат қилганингдан тўрни тешибсан. Мен дарров тушундим-да, сени ерга олиб тушдим”.
— Мен сени дарров танидим, — деди қора қўнғиз. — Кўк ўргимчакни қутқарган қаҳрамон сенмисан? Мен дарров ўйладим: шундай шон-шуҳратга эришган миттонча заҳарли ўргимчакка ем бўлса, яхши бўлмайди, дедим ўзимга. Нима бало, оғзингга талқон солганмисан?
— Р-р-раҳмат, — деб ғўлдиради Миттивой.
— Қўйсанг-чи. арзимайди, — дея қўл силтади Миттивойнинг нажоткори. — Кел, яхшиси, танишиб олайлик. Менинг исмим Қарсилдоқ. Исмим бунақа эканига сабаб шуки, тез учганимда, қанотларим қасир-қусур овоз чиқаради.
— Миттивой, — деб ўзини таништирди тиллақўнғиз.
— Исминг ёмон эмас, бунинг устига, жуда камтарона экан,— “ҳмм” дея овоз чиқариб Қарсилдоқ. — Аммо гап шу исмдами? Энг муҳими, ўзинг жасур бўлсанг бўлди-да. Гапим тўғрими?
Миттивой ва Қарсилдоқ гапга шунчалик берилиб кетдиларки, ҳатто ғазабланган заҳарли ўргимчакнинг дод-фарёдини ҳам эшитмабдилар, у тешилган тўрида лапанглаб осилиб ётар экан, саккизта оёғим билан адабларингни бераман, деб таҳдид қиларди.
Тиллақўнғиз билан қора қўнғиз танишибгина қолмай, дўстлашиб олдилар. Атрофдагиларнинг ҳаммаси, баҳайбат Қарсилдоқ билан ушоқдай келадиган Миттивой ўртасида қандай алоқадорлик бор экан, деб ҳайрон бўлардилар. Фақат Кекса ари билан бешиктерватар, бунда ҳеч қандай ғалатилик йўқ, деб айтдилар. Зотан, ҳақиқий дўстликка гавда халақит бермаслигини улар билардилар-да.
Қора қўнғиз Миттивойни қутқарди, улар дўстлашиб олдилар. Балки, сиз ҳам, азиз китобхон дўстим, биронта одам кулфатда қолганда унга ёрдам бериб, кейин дўстлашиб кетгандирсиз? Ҳақиқий дўст, раҳмдиллик билан бир қаторда, яна қандай сифатларга эга бўлиши ҳақида фикр юритиб кўринг. Ҳақиқий дўстликни баҳолашга ҳаракат қилиб кўринг, дўстларингиз кулфатда қолганда, ҳар сафар уларга қандай ёрдам беришингизни ўйланг.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Кекса арининг туғилган куни
Эртаси кун тонг саҳардан Серқуёш ўтлоқзорда ғай риодатий ғовур-ғувур бошланди.
— Миттивой, тезроқ қимирлагин! Нимага имиллаяпсан? — деб шошилтирди тиллақўнғизни онаси уйдан чиқаётганда. — Кечикиб қолмайлик, тағин…
Ўтлоқзорда катта байрамга тайёргарлик борарди. Бугун ўтлоқзорнинг энг донишманди Кекса арининг туғилган куни, ҳамма унга ўз ҳурматини намоён қилишни истарди.
— Эй, бир четга ўтиб туринглар! — деб бақиришарди майдончанинг четларидаги ўтларни ўраётган айиқчалар. Майдончада эса чигирткалар, қора чигирткалар, чирилдоқлар юбилярнинг шарафига концерт беришга тайёргарлик кўришарди. Муғомбир буғулар мусобақа ўтказмоқчи эдилар. Бутун атроф гўё табрик нутқи ва саҳна кўринишларини машқ қилиш билан банд эди. Ҳеч ким уялиб қолмаслик учун, яъни бошқалардан орқада қолмаслик учун ҳаракат қиларди.
— Уф, мени ўтказиб юборинглар! Ўтказиб юборинглар! — дея ғўлдиради шиллиқ қурт оломон орасини ёриб ўтар экан. — Байрамдан кеч қолмаслик учун икки кундан бери эмаклайман. Энди орқа қаторда қолишим тўғри эмас. Олдинга ўтиб олай. Йўл беринглар!
Шиллиқ қуртни олдинга ўтказиб юбордилар, у савлат тўкиб, энг ҳурматли ўринлардан бирини эгаллади. Унинг бу қилиғи кимларнингдир жаҳлини чиқариши мумкин эди, аммо Серқуёш ўтлоқзорда яшовчилар Кекса аридан доимо намуна олардилар. Кекса ари доимо хушмуомала бўлиб, ҳамма унга тақлид қилишга ҳаракат этардилар.
Ниҳоят, ўрмонда какку қуш тўққиз марта сайради, тантана “айбдор”и думалоқ инидан чиқиб келди. Шу пайтда бутун ўтлоқзорни шодиёна қийқириқлар ва табриклар босиб кетди:
— Туғилган кунингиз билан табриклаймиз! Сизга узоқ умр тилаймиз! Шодлик ва бахт-саодат сизга ёр бўлсин!
Юбиляр майин табассум қилиб, таъзим қилди ва нимадир демоқчи бўлиб, оёқчаларини кўтарди. Аста-секин шовқин-сурон босилди...
— Бугун мени табриклашга келганларнинг ҳаммасига раҳмат, - деб гап бошлади тукли ари, у ҳаяжонланаётгани учун одатдагидан баландроқ овозда гапирарди. — Сизлар менга энг қимматли нарсани – ўзларингизнинг диққат-эътиборингизни ва самимий севгингизни инъом қилдингизлар. Мен жуда бахтиёрман — У яна табассум қилиб, кўз ёшларини артди. — Қани, энди байрамни бошлайлик!
Тукли арининг шу сўзларидан кейин ҳамма чапак чалиб, қанотларини қоқиб, олқишладилар. Мана шундай қувонч садолари ва қий-чувлари ичида ҳеч ким ҳавода тобора кучайиб бораётган гувиллашни эшитмади. Шунинг учун улар тепаларида асалариларнинг бутун бошли галасини кўрганларида, ҳайрон бўлдилар, улар чигирткаларнинг мусиқаларига оҳиста-оҳиста айланиб, рақсга тушаётган эдилар. Кекса арига унинг қариндошлари – асаларилар мана шундай одатдан ташқари совғани қилишга қарор берган эдилар. Ўзларининг чиқишлари сўнгида ҳар бир сертук тезучар бу жонивор жойини шундай эгалладики, ҳавода “
Миттивой бундай катта байрамда биринчи марта бўлиши эди, у кўз олдида намоён бўлган бундай ажойиб манзарадан ниҳоятда завқланди. Асаларилар табрик рақсини тугатганларидан кейин, париллаб учадиган турли рангдаги капалакларга жой бўшатдилар. Улардан кейин осмонда паҳлавон қўнғизлар эскадриляси саф тортдилар. Сўнгра қатъий тартибда Серқуёш ўтлоқзорда яшовчиларнинг ҳар бири қўлларидан келганча, имконияти борича Кекса арини тарбиклади.
Ҳамма хурсанд бўлиб, чин дилдан яйрадилар. Байрам роса қизиганда, кимдир бақирди:
— Қаранглар, ўргимчак!
Ўтлоқзорда ҳамма овозлар бир лаҳза тинди. Ҳақиқатан, йиғилганларга томон заҳарли ўргимчак яқинлашиб келаётган экан. У шошилмасдан, еттита қўрқинчли оёғини галма-гал алмаштириб юриб келар, саккизинчи оёғида мойчечакни маҳкам қисиб олган эди.
— Бу ерда унга нима бор экан? — дея Серқуёш ўтлоқзорда яшовчилар саросимага тушиб қолди.
Уларнинг ҳаяжон ва қўрқувларини тушунса бўларди: ахир, ҳамма судралиб юрувчилар ёвуз ўргимчакдан қўрқар, ундан нафратланарди. Ҳатто тиллақўнғиз Миттивой ўргимчак тўрларининг ҳийласини бошдан ўтказган эди-да.
Жим бўлиб қолган оломон икки томонга айрилиб, заҳарли ўргимчакка йўл очиб берди. У Қари тукли арининг олдига келиб, эгилди:
— Ҳм… туғилган кунинг билан табриклайман!
Чақирилмаган меҳмон тантана сабабчисига ромашка ушлаган оёғини узатди.
— Совғанг учун раҳмат, — деб жавоб берди юбиляр “Яшасин тукли ари!” деган ҳайқириқ садолари остида, кейин ўргимчакнинг оёғини қисиб қўйди.
Миттивой алламаҳал бўлганда ўрин тўшагида ётар экан, ўйлади: «Бугун қандай ажойиб кун бўлди-я! Ҳатто қўрқинчли заҳарли ўргимчак ҳам тукли ари бобони табриклагани келди!»
Миттивой ҳали кўп нарсани кўрмаган, яхшилик ва ҳақиқий олийжаноблик ҳатто душманларни ҳам дўстлашишга ундашини билмас эди.
Дўстим, сиз ҳозиргина тушунганингиздай, Серқуёш ўтлоқзор аҳолисининг ҳаммаси Қари тукли арини ҳурмат қиларкан, ундан ўрнак олишга ҳаракат қиларкан. Эҳтимол, сизнинг танишларингиз орасида атрофдагиларда тукли ари бободаги ҳис-туйғуларни пайдо қиладиган одам бордир. Ўша одамга диққат билан назар солиб, шунга ишонч ҳосил қиласиз: ҳар доим куч ва шафқатсизликка қараганда, донолик ва яхшилик кўпроқ ҳурмат олиб келади.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Шошқалоқ Ғалла қўнғизи
Бир куни эрталаб Миттивой ажойиб ҳиссиётлар билан уйғонди. Айнан бугун нима юз беришини у билмасди, аммо албатта нимадир юз беришига заррача шубҳа қилмасди. Шунинг учун у, нима бўларкин, қачон бўларкин деб узоқ кутиб ўзини қийнамади.
— Ойи, мен ўйнагани чиқиб кетяпман, — деб овоз берди ва ўқдай отилиб уйдан чиқди.
Тиллақўнғиз қора қўнғиз яшайдиган қайин дарахтигача етиб олишга шошилди. У чумолилар уяси устидан учиб ўтар экан, қора чумолилар тиниқ зангори рангдаги ўсимликлар ширасининг катта тўдасини малина буталари тагига ҳайдаётганини кўриб қолди.
«Бунақангги зиғирдай ҳашоротлардан қандай қилиб бохабар бўлиш мумкин-а? –деб ҳайрон бўлди тиллақўнғиз. — Ҳа, чумолиларнинг иши қийин: аввал бу ҳашаротларни боқ, кейин уларни соғиб ол! Бунақангги зиғирдай ҳашаротлардан кўп сут олиш мумкинми? Ниҳоятда ҳайрон қоладиган-а!»
Бизнинг саргузашт изловчимиз шулар ҳақда ўйлаб, қора қўнғизнинг уйчасига етиб келди.
— Салом, Миттивой! Бу – менинг укам, исми Ғалла қўнғизи, - деди хурсанд бўлиб Қарсилдоқ қора-қўнғир тангли қўнғизчани оёқчаси билан кўрсатар экан.
Ғалла қўнғизи хурсандликдан Миттивойга ўзини отди ва бор кучи билан унинг оёқларини силкита бошлади.
— О, шунчалик хурсандманки! Учрашганимиздан жуда мамнунман! — бидирлади у. — Сенинг қаҳрамонлигинг ҳақида эшитганман, ҳа, эшитганман!
Тиллақўнғиз таажжубланиб Қарсилдоққа қаради. Қарсилдоқ эса индамай кулиб қўйди, холос. Ниҳоят, Ғалла қўнғизи билдики, гап нима ҳақида кетаётганини Миттивой тушунмаяпти. Ғалла қўнғизи тушунтирди:
—Мен Кўк чигирткани қутқарганингни назарда тутяпман! Мана буни қаҳрамонлик деса бўлади! Мен қаҳрамонликни мана шундай тушунаман!
Бундай мақтовдан Миттивойнинг мўйловлари учигача қизариб кетди.
— Аммо аслида шундай бўлиши керак-да! — деб бидирлай кетди Ғалла қўнғиси. — Бизнинг ўтлоқзордаги ҳақиқий қаҳрамон! Мен ҳамон учаман, ҳамма нарсани кўздан кечираман, бирон қизиқарли нарсани билиб оламан. Шундоққина бурнимнинг тагида шундай воқеа бўлиб ўтибди-я! Хафа бўладиган жойим шуки, мен бехабар эканман! – хафа бўлди Ғалла қўнғизи ва оёқчаларини кериб Миттивойнинг атрофида айланди. — Менга Кекса ари айтиб қолди: «Атрофингдаги ким борлигига қарагин, ақлинг бовар қилмайди, ҳайратда қоласан». Қария тўғри айтган экан. Ҳақиқатан, у ҳақ экан!
— Э, ўша вайсақининг гапига қулоқ солма, — деди ниҳоят, ўзини тутиб тура олмай Қарсилдоқ. — У оғзига келганини гапираверади-да. Мана бу Ғалла қўнғизи — бутун дунёдаги янгиликларнинг кони, у шов-шувларнинг ортидан қувиб юради. У пўстлоқхўр қўнғизлар билан биргаликда Серқуёш ўтлоқзор тарихини ёзмоқда.
— Тўғри, келажак авлодлар учун! — Ғалла қўнғизи бошини мағрур кўтарди. — Кейинчалик сизлар менга, Гравюрачига, Типографчига, Полиграфчига “раҳмат” айтасизлар...
— Илтимос сендан, пўстлоқхўр қўнғизларнинг бутун хонадон аҳлини санайверма, — ялиниб-ёлворди Қарсилдоқ.
— Ана, холос! — бирдан эслаб қолди шошқалоқ. — Мен ҳали Ер тути баргхўридан интервью олишим керак. У Гулзор майдончаси яқинида яшайди. У шу кунларда шунчалик сахийлик билан кемиряптики! – ҳаяжон билан бидирлади Серқуёш ўтлоқзор йилномачиси. – Қандайдир мўъжиза юз берди деяверинг! Ер тути баргларидаги ҳақиқий манзарани айтмайсизми! Менга бу сирни пўстлоқхўр қўнғиз Муғомбир айтиб берган эди. Бу янгиликни чигиртка Олачипор у билан ўртоқлашган экан. Олачипор эса бу янгиликни капалак Мовийдан эшитган экан. У эса...
Миттивой ҳайратомуз нигоҳини Ғалла қўнғизидан Қарсилдоққа қаратди. “Гарчи улар ака-ука бўлсалар ҳам, - деб хаёлидан ўтказди у, - бир-биридан тамомила фарқ қилар экан”.
— Хўш, қаҳрамон, — деб мурожаат қилди тиллақўнғизга шашқалоқ, - вақтни йўқотмайлик. Яхшиси, ўзингнинг қаҳрамонлигинг ҳақида гапириб бер. Ўрмонда зим-зиё тунда учиб бораётганингда, нимани ҳис қилдинг? Мен юракларни ачитадиган бу манзарани кўз ўнгимда тасаввур қилиб турибман: миттигина тиллақўнғиз ёрдам беришга бормоқда, у қанотлари билан зулматни ёриб ўтиб, бошига келиши мумкин бўлган хавф-хатарни унутиб, учиб бормоқда.
Ғалла қўнғизи гапираверди, гапираверди. Агар Қарсилдоқ унга, баргхўрдан интервью олишинг керак эди, деб эслатмаганда эди, у тўхтовсиз бидир-бидир қилишда давом этган бўларди.
— Айтгандай, мен кетишим керак, — бирдан эслаб қолди шашқалоқ. — Сен, Миттивой, хотиржам бўлавер. Сенинг буюк қаҳрамонлигингни тан олишларига ҳаммани мажбур қиламан. Ҳамма сени ҳурмат қиладиган бўлади. Сен — бизнинг қаҳрамонимизсан, қаҳрамонларни эса ҳар ким юзидан таниши керак! — У қатъият билан оёқчаларини керди. — Мен сендан “юлдуз” қиламан!
— Жуда кўп гапирдинг-да… — деб чуқур нафас олди Қарсилдоқ. — Фақат сўз бор, холос, шошқалоқлик деб шуни айтадилар-да. Доим у муболаға қилиб юради.
Миттивой ҳеч нарса демади.
— Акамнинг сўраб-суриштиришларидан сен хафа бўлдингми? – деб сўради қора қўнғиз.
— Йўғ-э, ундай эмас, — деб жавоб берди Миттивой. — Фақат мен илгари қандай қилиб қаҳрамон бўлишни орзу қилганим эсимга тушиб кетди. Кўпнча мени, миттисан, деб жиғимга тегишарди. Ўшанда мен ҳеч бўлмаганда митти юлдузга ўхшашни орзу қилган эдим. Мана энди Ғалла қўнғизи мени ҳақиқий “юлдуз” қилмоқчи. Мен эса шуни истамаяпман. Ғалати-а, тўғрими?
— Лекин менга шундай туюлмаяпти, — деди қора қўнғиз дўстига. – Юлдуз бўлишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Фақат ҳақиқий юлдузлар ўзларини ошкор қилиб, мақтанмайдилар – улар шунчаки нур сочадилар. Уларнинг нури ҳаммага кўриниб туради. Шунинг учун шон-шуҳратга интилиш керак эмас – шон-шуҳрат сени ўзи топади. Агар сен яхши ишлар қилсанг, сенга яхши ном келади, агар ёмон ишлар қилсанг, ёмон ном келади. Англадингми?
— Ҳа, — дея боши билан тасдиқлада тиллақўнғиз.
— Демак, ҳаёт давом этмоқда! — деб хурсанд бўлиб кетди Қарсилдоқ. — Эни эса олға! Чигиртка шубҳасиз бизни зориқиб кутяпти.
Шундай қилиб, иккала дўстнинг шон-шуҳрат ҳақидаги суҳбати ниҳоясига етди. Азиз дўстим! Сиз қора қўнғизнинг фикрларига қўшиласизми? Одамларнинг қайси хатти-ҳаракатларини яхши, қайсиларини ёмон деб айтиш мумкинлиги ҳақида фикр юритиб кўринг. Фақат мақтовлар туфайли тўғри ишлар қиладиган танишларингиз борми? Яхши ишлар қилганингизда, сизни мақтайдиларми ёки мақтамайдиларми – эътибор бермасликка ҳаракат қилинг.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Ёмғирли кун
Серқуёш ўтлоқзор деган ном бекорга берилган эмас: деярли ҳар куни бу жойда қуёш нур сочиб туради. Лекин кутилмаганда, аҳён-аҳёнда ёмғир ҳам ёғиб туради. Бундай кунларда ўтлоқзорда ҳаёт сўнади. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан тушунарли: жониворларнинг уйига баравар катталикда ёмғир томчилари тушганда, ким учади ёки эмаклаб юра олади?!
Булутли кун Серқуёш ўтлоқзор аҳолисига ҳеч таклифсиз келди, одатдагидай, уларнинг режаларини бузиб юборди. Миттивой кечадан бери Кўк ўргимчакникига меҳмонга боришга тайёргарлик кўрган эди, аммо эрталаб осмонни булут қоплаб олди, оқибатда Миттивой вақтни хушчақчақ ўтказиш умидидан маҳрум бўлди. Тиллақўнғиз оёқчалари билан бошини ушлаганча, деразага тикилиб, жим ўтирарди.
— Миттивой, аҳволларинг яхшими? Ўзингни қандай ҳис қиляпсан? — деб сўради унинг жимиб қолганидан хавотирланган онаси.
— Ҳа, яхшиман.
— Бирон нарса...мазалироқ нимадир истайсанми?
— Йўқ, — деб чуқур нафас олди тиллақўнғиз.
— Ҳаво айниганидан хафа бўлишинг арзимайди, — деди отаси. — Эртага яна қуёш чиқади, чигиртка икковларингиз кун бўйи учишингиз, сакраб ўйнашингиз мумкин.
— Аҳа, — ғамгин оҳангда деди Миттивой, “эртага” қачон келишини у бугун асло кутгиси йўқ эди.
Агар Кекса ари меҳмон бўлиб келмаганда эди, Миттивой кун бўйи дераза олдида ўтирган бўларди.
— Хўш. кичкинтой, кайфиятинг йўқ? Ҳаво панд бердими?
Миттивой ғамгин ҳолда бошини қимирлатиб тасдиқлади.
— Биласанми, ҳатто булутли кунда ҳам хурсандчилик учун бирон сабаб топиш мумкин, - деди ари бобо ва муғомбирлик билан тиллақўнғизнинг ота-онасига кўзини қисиб қўйди. – Гапимга ишонмайсанми, кичкинтой? Ундай ҳолда, хурсандчилик сабабини излаш учун тезда йўлга чиқишимиз керак. Қани, олға!
Тиллақўнғиз истар-истамас Кекса арининг ортидан Гулзор майдончаси томонга учди. У йўл бўйи чурқ этмай, қошларини чимириб, худди осмонни қоплаган булутлардан биттасига ўхшаган ҳолатда эди. Кекса ари бобо эса, аксинча, жуда яхши кайфиятда эди. У ниманидир хурсандлигидан ниманидир ғўнғиллаб куйларди, у бирдан пастда каттакон сафсар кўкнорини кўриб қолди. Ёмғир яқинлашаётганини сезиб, кўкнори баргларини ёпиб олган экан. Ари бобо гулга яқин келиб, кутилмаганда тўхтаб қолди.
— Ичкарида ким бор? — деб баланд овозда сўради у.
Садо бўлмади.
— Эй, ичкарида ким бор? — деб такрорлади яна Кекса ари.
— Биз биронтасини излаяпмизми? — деб қизиқди Миттивой.
— Кўряпсанми, кичкинтой, кўкнори дарров, айниқса ёмғир ёғишидан олдин гул баргларини юмиб олади. — Кекса ари қовоғи солиқ осмонга хавотир билан қараб қўйди. — Чунки… чунки… Эҳа, у ерда аниқ биттаси бор! — деди у. — Менга ёрдамлашиб юбор!
Кекса ари оёқчалари билан кўкнорининг юмилиб қолган баргларига ура бошлади. Бу нимага керак эканини Миттивой тушунмади, аммо унинг қилганини такрорлади. Иккалови шундай шовқин-сурон кўтардиларки, қулоқлар битиб қолай деди. Ниҳоят, кўкнори каллакчасидан ниманингдир ғалати ғимир-ғимир ҳаракати сезилди.
— Нима керак? — деган кимнингдир уйқусираган овози эшитилди.
— Эй, кўкнори ичидаги, гапимни эшит! — деб бақирди Кекса ари. — Ухлама, акс ҳолда, бир умрга ухлаб қоласан!
Миттивой “кимнингдир” тақдиридан хавотирланди ва худди акс садо сингари такрорлади:
— Ухлама!
— Тезда бешиктерватарга уч, — деб буйруқ берди Кекса ари бобо Миттивойга. — Унга, яна кимдир кўкнори барглари ичида асирга тушиб қолибди, деб хабар бер. Кейин дарров ўзинг қайтиб кел.
Тиллақўнғизга икки марта такрорлашнинг ҳожати йўқ эди. У бешиктерватар томонга ўқдай учиб кетди, бир дақиқадан кейин катта кўкнори олдига бешиктерватар билан бирга қайтиб келди. Бешиктерватар чаққонлик билан кўкнори пояси бўйлаб гул косасига етиб борди ва худди писка сингари ўткир олд оёқчалари билан гул косасини кесди. Гул косаси кучли зарбдан пастга қулаб тушиб, барглари очилиб кетди. Кўкнори ичидан миттигина асаларича чиқиб келди. Асаларича ерга ўтириб, бошини ушлади, ҳеч нарсани тушунолмай, ўзини қуршаб олган учала нотанишга қаради.
— Қалай, ҳаммаси муваффақиятли тугадими? Қачонгача бундай анқовларни озод қилишимга тўғри келади? — деб сўради бешиктерватар Кекса аридан.
— Бўпти-бўпти, жаҳлинг чиқмасин, сўкинаверма, — деди инқиллаб-синқиллаб Кекса ари бобо. — Ҳаммаси ўтиб кетди-ку.
— Ўтиб кетди, — деб енгил нафас олди Миттивой.
— Ҳа, ўтиб кетди, — деб уларнинг гапини маъқуллади асаларича.
Асаларича ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо гулнинг ҳиди уни шунчалик маст қилиб қўйган эканки, у мувозанатини йўқотиб, ерга шалоп этиб йиқилди.
— Худди айтганимиз бўлди, ўтиб кетди, —деди бешиктерватар дўстларининг самимий кулгиси остида.
Шу пайтда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Дўстлар жажжигина асаларичани кўтариб, шоша-пиша қариқиз барглари остига яшириндилар. Улар шариллаб оқаётган жаладан яшириниб, ўзларини тўхтата олмай хохолаб кулиб юбордилар. Миттивой тушуниб етди: у мана шу ёмғирли кунни ўзининг ҳаётидаги энг бахтли кунлардан бири деб ҳисоблайди.
Энди, азиз китобхон, тиллақўнғиз Миттивой қандай қилиб кичкина асаларичани ҳалокатдан қутқариб қолганини билиб олдингиз. Нима учун қаҳрамонимизнинг ҳаётидаги энг зерикарли кун у учун энг бахтли кунга айлангани ҳақида ўйлаб кўринг. Сиз ҳам тўсатдан, ҳеч кутилмаганда янги дўстлар топишингиз мумкин. Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, шунинг учун янги саргузаштларга, янги дўстларга, янги яхши ишларга отланинг, аммо эски дўстлар билан мулоқот қилишни қадрига етинг.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
ТАП-ТАҚИР ЧЎЛГА САЁҲАТ
Каркидон Каркидонбоевич
Душанба кунларининг бирида жазирама иссиқда Қарсилдоқ Миттивойникига учиб келди.
— Менга қара, менинг қариндошларимдан хабар олиб келайлик. Мен уларникида қачон бўлганимни эслай олмайман. Биласанми, ёнма-ён яшаймиз-у жуда кам кўришамиз. Бу яхши эмас.
— Мен сен билан бирга учиб борардим-у… — деб жавоб берди Миттивой. — Мен сенинг қариндошларинг билан таниш эмасман-да. Сенингча, нотанишлардан хабар олиш яхшими? — деб бир оз шубҳаланди тиллақўнғиз.
— Ана, холос. Қўйсанг-чи. Албатта, яхши-да, — деб ишонтирди Қарсилдоқ дўстига. — Яхшиси, ростини айт: сен билан бирга Тап-тақир чўлга саёҳат қилишга қўрқяпман, дегин, шунда мен сенга ишонайин. Аммо бекорга шундай ўйлаяпсан. — У кулиб қўйди. — Менинг қариндошларим унақа қўрқинчли эмас! Учамизми?
Қора қўнғиз катта қанотларини қоқиб, ҳавога кўтарилди. У ортидан аранг етиб келаётган Миттивойга қараб-қараб келарди.
— Сени огоҳлантириб қўйишим керак… — деди Қарсилдоқ. — Қўрқиб кетмагин. Сен менинг қариндошимни биринчи марта кўряпсан, у жуда баҳайбат ўспирин. У жуда улкан!
— Нималар деяпсан? —янада аниқроқ билиб олиш учун овози қалтираб Миттивой.
— Э, мен қайдаю у қайда! Айтяпман-ку тоғдай баҳайбат деб. Бошида эса катта шохи бор!
— Балки, бир ўзинг учиб бораверарсан, нима дейсан? — ишонқирамай таклифини айтди тиллақўнғиз.
— Қўрқоқлик қилма, дўстим, у йиртқич эмаски сени еб қўйса. Қариндошим фақат бир оз ғалати, холос. Қолаверса, қайси биримизда ғалатилик йўқ?! Гапларим тўғрими?
Қарсилдоқ кўзини қисиб қўйди, унинг ҳазилидан Миттивой бир оз хотиржам бўлди. Тиллақўнғиз қўрқоқ эмас эди-ю аммо заҳарли ўргимчак уни ейишга ҳаракат қилгандан кейин анча эҳтиёткор бўлиб қолган эди.
Дўстлар суҳбатлашиб Серқуёш ўтлоқзорнинг энг четига келиб қолганларини ҳам билмай қолдилар. Мана шу ердан Тап-тақир чўл бошланади.
— Қалайсиз, Каркидон Каркидонбоевич! Қанча замонлар ўтиб кетибди-я кўришганимиздан бери! — деб бақириб қолди Қарсилдоқ.
Миттивой тушунмай атрофга қаради, аммо қум тепаликларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Қарсилдоқ ким билан гаплашганини тушунмади. Бундан ташқари, бу ерларда бирон тирик жон яшашига ишонмасди.
Улар ерга қўнишлари биланоқ, иссиқ қум шитирлаб, қимирлаб қолди. Миттивойга худди ер остидан баҳайбат қоп-қора тоғ ўсиб чиқаётгандай кўринди. Бир неча сония ўтгандан кейин, ҳайрон бўлиб қолган тиллақўнғиз каркидон қўнғизни кўрди. Миттивой ҳатто кўзларини қисиб олди, чунки бу баҳайбатнинг силлиқ қизғиш совути худди ойна сингари қуёш нурларини қайтариб ялтирарди.
— Э-э, салом! Нимага мени безовта қиляпсан? — аччиқланиб дўриллади Қарсилдоқнинг қариндоши. – Мен эрталабдан жангда бўлдим, энди дам оляпман, қум ваннаси қабул қиляпман. — Каркидон қўнғиз ғазабланиб сертук оёқларидаги қумни қоқди. – Хўш, нимага мени безовта қилдинг?
— Кечиринг, Каркидон Каркидонбоевич. Шу ердан учиб ўтиб кетаётган эдим, қариндошимникига бир бош суқиб кетсаммикан, деб ўйладим, соғ-саломатлигингизни билай, дедим.
— Ҳар доим шундай бўлади, — деб пўнғиллади баҳайбат қўнғиз. — Жанг, муштлашиш бўлганда, ёрдамчилар йўқ, тинчлик, хотиржамлик бўлганда эса, ҳамма атрофингда гирдикапалак!
Каркидон қўнғиз тескари ўгирилди ва норози қиёфада панжаларини курак сингари ишлатиб, дарров қумга кўмилди. Қора қўнғизнинг қариндоши Миттивой билан ҳатто саломлашмади ҳам, албатта бу қилиғи билан Каркидон қўнғиз унга нисбатан ҳурматсизлик қилди. Тез орада вайсақи қум ичида йўқ бўлиб кетди фақат шохи қум устида қолди, холос.
Қарсилдоқ тиллақўнғизга ўгирилиб, “кечирасан” дегандай, бир сўз демасдан қўлларини икки томонга керди ва кулимсиради.
— Майли, олдинга учамиз, менинг қариндошларим кўп-ку, — деди у осмонга ўқдай парвоз қиларкан. — Кўришгунча хайр, Каркидон Каркидонбоевич! — деб қичқирди у.
Миттивой индамай дўстининг ортидан эргашди. «Ғалати-я, — деб хаёлилдан ўтказди тиллақўнғиз. — Улар қариндош, аммо ўзларини худди бегоналардай тутади. Бунақа қариндошларим бўлишини асло истамасдим. — Шунда тиллақўнғиз ота-онасини эслади, қалби шодликка тўлди. Кейин у қора қўнғизга нигоҳ ташлади ва яна ғамгин бўлиб қолди. — Бечора Қарсилдоқ… отам билан онам, холам Хонқизи мени яхши кўрадилар, Қарсилдоқни эса ҳеч ким яхши кўрмайди… Вой, нега ҳеч ким эмас экан?! Мен-чи?»
— Биласанми, қарсилдоқ, — деб баланд овозда гапирди Миттивой. — Мен сени яхши кўраман. Сен менинг энг яқин дўстимсан.
Қора қўнғиз жавоб бермади, бурнини ғалати қилиб тортди-да, оёқчалари билан кўзларини артди. Бир неча дақиқа улар жим учдилар. Кейин Миттивой Қарсилдоқнинг оҳиста: “Мен ҳам сени яхши кўраман” деганини эшитди.
Азиз дўстим, бу воқеадан сиз дўстларни севмайдиган Каркидон Каркидонбоевич қай тарзда ўзининг қариндоши ва дўсти қора қўнғизни кутиб олганини билиб олдингиз. Энди марҳамат қилиб, хайрихоҳ бўлиш ва ўз севгисини изҳор қилиш одамлар учун муҳим фазилат экани ҳақида фикр юритинг. Оилангиз, сизни яхши кўрадиган ота-онангиз борми? Бунинг учун Худога шукрона айтинг, биронтасига ёрдамингиз керак бўлганда, ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Агар ёлғиз бўлсангиз, умидсизликка тушманг, чунки Худо сизга ғамхўрлик қилади, сизга садоқатли дўстларни юборади.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Қазувчи Афодий
— Бугун кун жуда исиди-да, — деб чуқур нафас олди Қарсилдоқ оёқчалари билан пешонасидаги терни сидириб ташлар экан. — Сен, Миттивой, менинг ортимдан учгин. Орқа томонимда бир оз шабада эсади.
Тиллақўнғиз шундай қилди. Қора қўнғиз қанотларини қоқиб учганда, шабада эсиши Ммиттивой учун битта ноқулайлик туғдирди: у бошини кўтариб тўғрига қарай олмас эди. Шунда тиллақўнғиз пастга қараб, дарров ғалати бир ҳодисанинг гувоҳи бўлди.
Сўқмоқ бўйлаб бир парча тутун бурқсиратиб, катта ҳажмдаги шар юмалаб келаётган экан. Шарни кичикроқ қора қўнғиз ғалати усулда – орқа оёқларини кўтарган ҳолда итариб келаётган экан. Унинг боши пастга бўлиб бир оз олдинга чўзилган, ўзи эса орқага тисланиб боряпти. Қўнғиз йўлни кўрмасди, шунинг учун туртиниб кетиб йиқилди, шар ҳар сафар шох-бутоқларга, тошчаларга ёки бошқа нарсаларга келиб қадалиб қолганда, умбалоқ ошиб тушарди.
— Қарсилдоқ, қарагин! — дея олди ҳайрон бўлиб қолган Миттивой.
— Эҳ, кўзларинг жуда ўткир-да сенинг! — деб уни мақтади қора қўнғиз. — У ҳам менинг қариндошларимдан бири.
Қарсилдоқ орқага бурилиб, пастга қараб шўнғиди.
— Салом, Афодий. Балки, сенга ёрдам керакдир? — деб сўради у ерга қўнгандан кейин қўнғиздан. — Гўнгнинг гатта бўлагини ўлжа қилиб олибсан-ку! Нонуштангга етиб, тушлигингга ҳам қолади-ку.
— Сенга гапириши осон, Қарсилдоқ, — хафа бўлди Афодий. — Бу ўлжани қўлга киритиш учун нималар қилмадим! Айтадилар-ку қорни тўқнинг қорни очдан хабари йўқ деб. Масалан, сен кўм-кўк баргни чайнасанг бўлди – тўясан. Менга қанақаси тўғри келади? – деб йиғлади у.
— Бўлди-бўлди, бас қил йиғини, — деб Афодийнинг гапини бўлди қора қўнғиз. — Яхшиси, менинг дўстим тиллақўнғиз билан танишиб қўй. Сенга бир гапни айтиб қўяй: у ҳақиқий қаҳрамон, афсуски, бўйи ўсмай қолган-да.
Бундай мақтовдан Миттивой эриб кетди, қолаверса, бир оз ўзини ноқулай ҳам сезди.
— Сиз билан танишганимдан хурсандман, - деб табассум қилди оёқчаларини янги танишига узатди.
— Бу миттончалар нима билан озиқланадилар, Қарсилдоқ? — деб қизиқиб қолди қазувчи Афодий.
— Нималар деяпсан, ўзи? Ростдан сўраяпсанми? — хафа бўлди қора қўнғиз. — У гўнг емайди.
— Ундай ҳолда, танишганимиздан жуда хурсандман. — Афодий тиллақўнғизнинг узатилган оёқчаларини маҳкам қисмоқчи бўлди, аммо ўйланиб қолди. — Мени нотўғри тушунманглар, кўпчилик айтадики, мен... Аниқроқ қилиб қандай айтсам бўлади? Мендан ёмон ҳид келар эмиш. Мени кечиришингизни илтимос қиламан.
«Жудаям хушмуомала, маданиятли экан, — деб ўзича хаёлидан ўтказди Миттивой. — Қариндоши каркидон қўнғизга асло ўхшамас экан».
— Биласанми, — деб шикоят қилди Қарсилдоққа қазувчи, — Каркидон Каркидонбоевич ниҳоятда қутуриб кетди. У, мен каттаман, шунинг учун нима қилсам ҳам менга мумкин, деб ўйлайди. Масалан, бугун бўлган воқеани олайлик. Биз катта гўнг уюмини топиб олдик. Ҳамма югуриб бориб, шар ясашга киришди. Мен ҳаммадан олдин ўзимникини тезроқ ясадиму, жанжал бўлиб муштлашиш бошлангунча, нарироқ думалатиб олиб бориб қўймоқчи бўлдим. Қаёқда дейсиз! Қазувчи Дарбадар учиб келиб, бақириб қолса бўладими: «Бўлишиш керак! Бўлишиш керак!» Биз у билан бўлишиш керакми ёки йўқми деб масалани ҳал қилгунимизча, Каркидон Каркидонбоевич етиб келди-ю менинг шаримни тортиб олди.
Афодий Қарсилдоққа қараб, раҳм-шафқат кутиб ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Аммо қора қўнғизнинг биқини сассиз кулгидан титраб кетди.
— Ол-а, мен ўйлабманки, сен менга ҳамдардлик билдирасан деб. — Афодий таъна билан бошини чайқади. — Сенга кулги бўлса бўлди!
— Вой, ўлиб қоламан! Ўлиб қоламан! — деб хохолади Қарсилдоқ. — Шунақаям очкўз бўлиш керакми-а?! Қазувчи Дарбадар билан бўлиша олмабди! Ахир, у сендан кичкина-ку!
— Кичик бўлса ҳам, шунақангги ошалаб урадики, унга бас кела олмайсан! Доим текинга ширин таом ейишни кўзлайди, - ғазабланди Афодий.
— Бўпти, хафа бўлаверма, кўриб турибман: сен ўзингга янги шар тайёрлаб олибсан, — деб Қарсилдоқ қўнғизни хотиржам қилди. — Шарингни уянгга думалатиб олиб борганингдан кейин, бутун дунёга зиёфат берасан.
— Қаёқда! — деб хитоб қилди Афодий йиғлагудай бўлиб. — Уямни ҳали охиригача қазишим керак!
— Ахир, сен ўзинг қазувчисан-ку, шундай эмасми? — Қарсилдоқ қўнғизнинг ялтироқ елкасига дўстона равишда эркалаб шапиллатиб уриб қўйди. — Уя қазишни ҳаммадан яхши қиласан-ку!
— Қилишга-ку қиламан-а, — деб тасдиқлади қўнғиз ва бир оз хурсанд бўлди. — Фақат…
Шундан кейин Афодийнинг шикоятлари осмондан ёғилгандай тўкила бошлади: уясининг деворлари тез-тез тўкилиб туради, шунинг учун тупроқ ўрнига фақат қум тушади; жазирама иссиқ пасаймаяпти; Дарбадар уни танишни истамайди; охирги пайтларда ҳақиқий гўнгни кундуз кун чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди… Хуллас, Афодий ярим соат гапирди. Эҳтимол, унинг шикояти тўхтамасдан давом этиши мумкин эди, аммо қуёшнинг жазирама иссиғида катта думалоқланган гўнг эрий бошлади. Қўнғиз буни кўриб, бирдан хатосини эслаб қолди, суҳбатдошларидан кечирим сўраб, думлоқланган гўнгни шоша-пиша сўқмоқ бўйлаб думалатиб кетди.
— Раҳмат сенга, — деди Қарсилдоқ тиллақўнғизга қариндоши кўздан йўқолгандан кейин.
—Нима учун? — деб ҳайрон бўлди Миттивой.
— Сен Афодийга жуда яхшилик қилдинг, — деб гапирди ўйчан ҳолда қора қўнғиз.
— Қўйсанг-чи, у жуда хушмуомала экан. — Миттивой ўзига қарата айтилган миннатдорчиликнинг сабабини тушуна олмади.
— Биласанми, кўпчилик ҳеч қачон гўнг қўнғизига қўлини чўзмаган . Улар бу қўнғизни исқирт деб ҳисоблайдилар. Аслида эса Афодий —анча машҳур. У тупроқни ифлос нарсалардан тозалайди.
— Шунақами, мен билмас эканман. Уни ҳақорат қиладилар ҳам. — Миттивой бир оз ўйланиб қолди. — Чамаси, нима қилиш кераклигини тушундим! Ҳаммага, Афодий шунчаки гўнг қўнғизи эмас, балки санитар қўнғиз, деб айтиш керак экан! Ана шунда уни ҳамма ҳурмат қиладиган бўлади, тушуняпсанми?
Қарсилдоқ ҳайрон бўлиб кичкина дўстига қаради. «Ажойиб-да бу тиллақўнғиз! У ҳамманинг ташвишини қилади», — деб ўйлади қора қўнғиз, кейин овозини чиқариб айтди:
— Нима дердим, яхши иш. Нимадан синаб кўриш керак?
— Хўш, яна учамизми?
Дўстлар Тақир чўл устида йўлларини давом эттирдилар.
Азиз дўстим! Сиз тушуниб олдингизки, Миттивой кўпчилик нафратланадиган Афодийга ниҳоятда ҳурмат билан муносабатда бўлди. Аслида гўнг қўнғиз ўзига нисбатан бу қадар муносабатга лойиқ эмас эди. Эҳтимол, сиз ҳам мазкур воқеа қаҳрамони сингари одамларни учратгандирсиз, атрофдагилар ўша одамларга ҳурматсиз муносабатда бўлгандирлар? Агар сиз кўпчилик яхши кўрмайдиган одамларни учратиб, улар билан мулоқот қилишга вақт топганингизда, улар учун жуда ажойиб ниманидир топасиз. Миттивойдан намуна олишга ҳаракат қилиб, бошқа одамларнинг яхши томонлари ҳақида гапириб беринг. Ана шунда атрофингиздаги олам яхши томонга ўзгариб кетади!
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Кимўзар пойга
Миттивой билан Қарсилдоқ учишда давом этдилар. Улар пастга қараганларида фақат қумликларни кўрдилар. Ҳақиқий саҳро!
«Ҳа, нима учун бу жойни Тақир чўл деб айтишларини энди тушундим, — деб ўйлади тиллақўнғиз. — Бу жойлардан бир ўзим ёлғиз учиб ўтмаган бўлардим».
Бирдан Миттивой қандайдир кучайиб бораётган гулдурос овозини эшитди.
— Бу нима? — дея бақириб сўради у олдинда учиб бораётган қора қўнғизга.
— Сен мана шу ғалати товуш ҳақида сўраяпсанми? — деб сўради Қарсилдоқ аниқламоқчи бўлиб. — Эҳтимол, қўнғизларнинг навбатдаги пойгаси бўлса керак.
— Саҳрода пойга қиладиларми?
— Ҳа-да, бу – пойга ўтказиш учун жуда боп жой. Биринчидан, бу жой кенг, майсалар халақит бермайди; иккинчидан ҳеч ким дўстининг оёғидан чалмайди, масофа узоқ — фақат энг кучлисигина бу жойларни босиб ўта олади.
Тиллақўнғиз навбатдаги саволни беришга улгурмади, уфқда пойганинг биринчи иштирокчиси кўринди. У айнан кимлигини аниқлаш қийин бўлди: жазирама иссиқда ҳавода чанг паға-паға бўлиб кўтарилган эди. Бир неча сониядан кейин пойгачи яқинлашиб қолди. Энди ишонч билан айтиш мумкинки, олдинда кичкинагина зангори рангдаги қўнғиз майда-майда сакраб келаётган эди.
— Қани, Илғор, олға! Кўрсатиб қўй ўзингни! — деб бақирди Қарсилдоқ. У Миттивойга қайрилиб қаради ва астойдил тушунтиришга киришди:— Бу Пойгачи қўнғиз. Ўтган йили у маррага учинчи бўлиб етиб келган эди, ҳозир эса, қарагин, ҳаммадан ўзиб кетди. Олға, Илғор, олға! — деб Қарсилдоқ оёқчаларини ўйнатиб, пойгачига далда берди.
— Қара, қара уларнинг кўплигини! — деб хитоб қилди тиллақўнғиз ҳаяжонланиб ва ўзларига томон шиддат билан ёпирилиб келаётган қўнғизлар тўдасини кўрсатди.
Томоша уларни маҳлиё қилиб қўйган эди. Миттивой пойгачилар тўдаси олиб келаётган ёрқин бўёқларни биринчи марта кўраётган эди. Миттивойга бу камалак Тап-тақир чўлга гўё осмондан тушгандай, оппоқ майдаланган қумга ҳамма ранглари ва аломатларини сочиб юборгандай туюлди.
— Чап томондан чеккада ҳаммадан олдинда кетаётган пойгачини кўряпсанми? — тантанали оҳангда қичқирди Қарсилдоқ. — У Тезкор деган қўнғиз, жуда одамохун дўст! — Юзлаб нозик оёқчаларнинг дупиллаши овозни босиб кетди, Миттивой деярли ҳеч нарсани эшитмади, Қарсилдоқ эса ҳаяжон билан гапини давом эттирди: — Эҳ-а, ака-ука Жозибасизлар ҳам шу ерда экан! Ўнг томондан чеккада ҳаммадан олдинда бораётган иккала пойгачиларнинг исми Буғдойранг ва Сариқ. Ўтган йилги пойгада айиқ ўйиб ясаган ер ости йўлига Сариқ умбалоқ ошиб тушган эди.
— Қандай қўрқинчли-я! — дея Миттивой ачиниб, оёқчаларини шалп-шалп урди.
— Ҳа-я, бечора жуда қўрқиб кетган эди. У шунчалик чуқурга тушиб кетган эканки, уни аранг тортиб чиқариб олишган эди. Ие, кимни кўряпман! — ҳайрон бўлиб хитоб қилди Қарсилдоқ. — Наҳотки Чўл бургасини ҳам пойгага қўйишган бўлса?
— Бурга дейсизми? — такрор сўради тиллақўнғиз.
— Нима, ишонгинг келмаяптими? — деб кулимсираб қўйди қора қўнғиз. — Яхшироқ қарагин. Бурга кичкина бўлса ҳам, ҳаммадан баланд ва узоққа сакрайди. У муносиб рақиб, унга гап йўқ.
— Ундай бўлса, уни кўрганингда, нимага ҳайрон бўлдинг?
— Ахир, у сакраяпти, гарча сенга пойгада иштирок этаётган қўнғизлар сакраётгандай бўлиб кўринса ҳам, улар югуряптилар, — деб тушунтирди Қарсилдоқ.
— Улар қаёққа югуряптилар?
— Тош тизмаларига. Ким биринчи бўлиб етиб келса, унга йилнинг энг кучли ва тезюгурар пойгачиси деган ном берадилар.
— Эй, Қарсилдоқ, кўрайлик-чи, ким ғалаба қилар экан, — деди Миттивой. — Жуда қизиқ экан!
— Нима ҳам дердим, — ўйланиб қолди қора қўнғиз, — эҳтимол, битта кўз билан кўрса бўлар. Мусобақанинг натижаси нима билан тугаши менга ҳам қизиқарли. Фақат кейин иккаламиз Тақир чўлни учиб ўтишга улгуришимиз керак. Кучинг етадими? – бир оз шуҳаланиб сўради Қарсилдоқ.
— Етади, — тўрсиллатиб жавоб берди тиллақўнғиз.
— Ундай бўлса, қани, учдик!
Миттивой билан Қарсилдоқ пойгачиларни қувиб ўтмоқчи бўлдилар, улар шамол тезлигида учиб бориб, бўлғуси ғолибни марра чизиғида кутиб олишни ният қилган эдилар. Беш дақиқадан кейин уларнинг рўпарасида Тош тизмалари кўринди, кўп ўтмай иккала дўст ҳаяжонланган ишқибозларни кўрдилар. Қуёш аёвсиз қиздирарди, аммо ҳеч ким бунга эътибор қилмагандай туюларди. Миттивой билан Қарсилдоқ бир неча дақиқага пойга иштирокчиларини қувиб ўтдилар ва пойгачиларнинг яқинлашишини кузата бошладилар.
Олдинда ҳамон Илғор, унинг ортида Тезкор ва ака-ука Жозибасизлар, баъзан бошқа пойгачиларни Чўл бургаси қувиб ўтиб қоларди. Илғор биринчи бўлиб марра лентасидан ўтди, бу лентани Ипак қурти ингичка, мустаҳкам ипдан тўқиган эди. Томошабинлар ғолибни гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Иккинчи бўлиб Тезкор етиб келди, ака-ука Жозибасизлар ва кичкинагина Чўл бургаси марра чизиғини баравар босиб ўтдилар. Шунинг учун улар учинчи бўлдилар. Пойганинг қолган иштирокчилари маррага ёппасига етиб келдилар, шу боис уларнинг қайси бири нечанчи ўринда эканини аниқлаш имкони бўлмади.
Ғолибларни мукофотлаш маросими бошланди. Учта ҳурматли сассиқ қўнғиздан иборат ҳакамлар Илғорни энг кучли, чаққон пойгачи деб эълон қилганларида, томошабинлар ва мусобақа иштирокчилари оёқчаларини бир-бирига ура бошладилар, қанотларини қоқдилар, ғолиб шарафига “Ура!” деб бақирдилар. Тезкор қўнғизни, ака-ука Жозибасизни ва Чўл бургасини келгуси пойгага фахрий ҳакам қилиб тайинладилар.
— Хўш, учамизми? — ғамгин ҳолда чуқур нафас олди Миттивой. Ғолиб шарафига катта байрамга охирги тайёргарлик ниҳоясига етиб бораётган, Миттивой эса Тош тизмасидан кетгиси йўқ эди.
— Тўхта, Миттивой, пойга ҳали тугамади, — деб тўхтатди дўстини Қарсилдоқ. — Кўряпсанми, ҳамма охирги пойгачиларни кутишяпти.
— Қанақасига?! — ҳайрон бўлди тиллақўнғиз. — Наҳотки маррага ҳамма етиб келмаган бўлса?!
У энг майда-чуйда ҳаракатларни ҳам кўздан қочирмасликка ҳаракат қилиб, узоқларга диққат билан тикилди. Ҳаракатлари бекор кетмади: тез орада у Тош тизмасига бир неча пойгачининг аста-секин яқинлашиб келаётганларини кўрди. Ишқибоз томошабинлар яна марра чизиғи олдида йиғилдилар ва пойганинг охирги иштирокчиларига далда бердилар:
— Олға, қўнғизлар! Олға!
Ниҳоят, бешта қора қўнғиз – Сусткашлар оёқларини аранг судраб, маарра чизиғини босиб ўтдилар. Ишқибозлар дарров уларни қўлларидан ушладилар ва “Ура! Ғолибларга шон-шарафлар бўлсин! Ғолибларга шон- шарафлар бўлсин!” деб бақириб, уларни тепага ота бошладилар.
— Нимага уларни ғолиблар деб айтяптилар? — секин шивирлаб сўради Миттивой дўстидан. — Ахир, улар охирги бўлиб келдилар-ку.
— Чунки Сусткашлар таслим бўлмасдан, маррагача етиб келдилар, - деб тушунтирди Қарсилдоқ. – Улар иссиқ ҳавони, оёқни куйдирадиган қумни писанд қилмасдан, астойдил олға интилдилар. Бу ҳақиқий ғалаба!
Қора қўнғиз уларнинг – таслим бўлмасдан пойгани охиригача олиб борганларнинг шарафига уюштирилган гулдурос олқишларга қўшилди.
Қора қўнғиз Сусткашлар мана шу тариқа ғайриодатий ғалабани қўлга киритдилар. Улар маррага биринчи бўлиб келишни жуда истаган эдилар, аммо бошқа пойгачилар улардан ўзиб кетдилар. Дўстим, эҳтимол, сизнинг ҳаётингизда ҳам биринчи бўлишга интилишингизга қарамай, бошқа одамлар сиздан ўзиб кетгандир. Барибир, танлаган йўлингизда қийинчиликларни бартараф қилиб, ожизликларингиз устидан ғалаба қилинг, маррага охиригача боришга ҳаракат қилинг.
Таслим бўлмаганларнинг ҳаммасига Эгамиз ажойиб мукофотни ваъда қилган эди:
Бақалоқ қўнғизларни қутқариш
Қуёш тиккага келганда, янада қиздира бошлади; Миттивой билан Қарсилдоқ чексиз қумликлар устида учардилар. Тиллақўнғиз ҳолдан тамомила тояётганини ҳис қиларди.
— Қарсилдоқ, Қарсилдоқ, тўхтаб тур! — деб бақирди у қора қўнғизнинг ортидан етиб олишга ҳаракат қилар экан. — Мен тез учолмайман!
— Хоҳласанг, дам оламиз, — деб таклиф қилди Қарсилдоқ.
Охири, ҳолдан тойган тиллақўнғиз розилик аломати сифатида бошини қимирлата олди, холос. У иссиқ қумга қулаб, ҳаракат қила олмай ётаверди.
— Ортиқ уча олмайман, — деди оҳ-воҳ қилиб у.
— Қўйсанг-чи, дўстим, ваҳима қилаверма. Ҳозир бир оз дам оламиз, кейин пиёда бир оз юрамиз, — деб дўстини руҳлантирди.
Аммо Миттивой иссиқ қумда юришдан кескин бош тортди.
— Бўпти, ундай бўлса шу ерда ётиб, куч тўпла, мен тезда бақалоқ қўнғизларнинг олдига югуриб бориб, улардан ёрдам сўрайман. Биз уларнинг олдига етиб келиб қолдик, қўл узатсак етади. Сен ўнгача санаб улгурмасингдан, мен ўша ерда бўламан. Фақат ҳеч қаерга кетиб қолма! - деб бақирди охири Қарсилдоқ ва жазирама саробда кўринмай кетди.
Миттивой ҳаракат қила олмай ётаверди, қуёш аёвсиз қиздирарди, у қумга ўтириб, атрофга назар солди. Кўз илғаган жойларгача қумликлардан иборат эди. “Ҳаммаёқ саҳро, - деб ўйлади Миттивой. – Бечора бақалоқ қўнғизлар! Бундай жойларда қандай яшаркин-а улар!»
Аммо бу “саҳро”нинг нарига четида кўм-кўк ҳақиқий ўрмон шовуллаб турганини Тиллақўнғиз ҳатто хаёлига ҳам келтиролмас эди.
Қарсилдоқ жуда шошарди. Мана, олдинда дастлабки дарахтлар кўзга ташлана бошлади…
— Ҳей, қаранглар, — бирдан ердан кимнингдир овози эшитилди. — Э, бу Қарсилдоқ-ку!
— Худди ўзи! Қандай шамоллар учирди сени бу ёқларга? — деган овозлар эшитилди ҳар томондан.
— Ҳаммага салом! Мен сизларга бир ўзим меҳмон бўлиб келмадим, ажойиб дўстим тиллақўнғиз Миттивой билан бирга келдим,— деб қисқа қилиб тушунтирди қора қўнғиз.
— Дўстинг қаерда? — қизиқдилар бақалоқ қўнғизлар кутилмаган меҳмонни ҳамма томондан қуршаб оларканлар.
— У қум устида дам оляпти. Айтгандай, қуёшнинг алангали нурлари остида иссиқ қумда ётишни дам олиш деб бўладими?!
— Унинг бир ўзини қолдириб келдим, деб айтмоқчимисан?! — қўрқув ичра сўради бақалоқ Бронза ранг. —Бизнинг бу жойларда ёлғиз юриш хавфли эканини наҳотки билмасанг?!
— Қанақасига?! — деб Қарсилдоқ бир сўз айта олди, холос.
— Хавфли. Бу аниқ гап, — деб тасдиқлади бақалоқ Ялпоқвой. — Икки кун олдин биродаримиз Пўстлоқ йўқолиб қолди, унгача бақалоқ Олачипор йўқолган эди. Нима қилишимизни билмаймиз. Қидирув ишларини йўлга қўйдик, бутун ўрмонни кезиб чиқдик, аммо ҳеч бирини топа олмадик.
— Мен тезда Миттивойнинг олдига боришим керак! — шошилди Қарсилдоқ.
— Биз сен билан бирга борайлик! — деб таклиф қилишди бақалоқлар.
Улар бир зумда қора қўнғиз дўстини қолдириб кетган жойга учиб келдилар. Аммо у ерда ҳеч ким йўқ эди…
— Миттивой! Қаердасан? — деб чақирди Қарсилдоқ.
— Миттивой! Миттивой! — деб чақирдилар бошқалар ҳам.
Ҳеч қандай жавоб бўлмади…
— Изидан бориш керак, — деб таклиф қилди бақалоқ Олачипор. — Чап томонни кўряпсизларми? — У кичик оёқчаларнинг янги изларини кўрсатиб, ҳаммадан олдин учиб кетди. — Эҳтиёт бўлинглар! — деб бақириб қолди бирдан. — Бир оз нарида катта ҳандақни кўряпман!
Олачипор яқинлашиб келаётган хавф ҳақида ҳаммани огоҳлантирди. Унинг иккала қабиладоши ҳам шиддат билан учиб бориб ҳандаққа тушиб кетган эди.
— Эй болалар, тезда у ердан чиқинглар! Биз тезроқ Миттивойни топишимиз керак, — деб буйруқ берди қора қўнғиз ҳандаққа қараб, ҳандақ кўпроқ чуқур воронкани эслатарди.
Аммо иккала бақалоқ ҳам ҳандақнинг тубига думалаб кетган эдилар. Улар ўзларини тўхтатишга ҳаракат қилдилар, аммо девор тўкилиб тушган, ушлаб оладиган бирон нарса йўқ эди.
Бирдан ҳандақнинг энг тубида тупроқ қимирлаб қолди... бир сониядан кейин қиличга ўхшаш қийшиқ жағли калла кўринди.
— Ёрдам беринглар! — бақиришди қўрқиб кетган бақалоқлар. — Бу чумолилар шери! У бизни ўлдириб қўяди!
Шунда Қарсилдоқ ўқдай пастга отилди, кучли оёқлари билан бақалоқларнинг бирини ушлаб, ҳандақ четига тортиб олиб чиқди.
— Вой-вой! — жон-жаҳди билан бақирди иккинчи бақалоқ, у чумолилар шерига шундоққина ёпишиб қолган эди. Қўнғизча қўрқувдан мўйловларини ва оёқчаларини юқори кўтарди, бу ҳолат эса унинг пастга йиқилишини тезлаштирган эди, холос.
Шу орада чумолилар шери қум остидан - пистирмадан чиқиб, ов учун қилинган ҳандақ деворлари бўйлаб эпчиллик билан тирмашиб чиқа бошлади, кейин бирдан бечора бақалоққа тобора яқинлашиб кела бошлади.
— Ялпоқвой, бирон иложини қилсанг-чи! — деб бақирди ҳандақнинг четига ёпишиб олган ҳаммалари. — Юр! Бизга томонга эмакла! Э, уйғонсанг-чи! Бўлди-да!
Ўзини йўқотиб қўйган Ялпоқвой ҳаракат қиладиган вақт келганини тушунди. Аммо у жирканч чумолилар шерини кўрган зоҳоти, қўрқувдан ўзини йўқотиб қўйган эди.
«Наҳотки умрим ниҳоясига етган бўлса?» — деган даҳшатли фикр пайдо бўлди Ялпоқвойнинг калласида. Бирдан кимдир унинг оёқларидан юқорига тортаётганини сезди. Бақалоқ бошини буриб, кичкинагина тиллақўнғизни кўрди.
Ҳа, албатта, у Миттивой эди! У бақалоқларнинг бақир-чақирини эшитиб учиб келган ва энди Ялпоқвойни ҳандақдан тортиб чиқаришга ҳаракат қилаётган эди.
Чумолилар шерига бу ҳаракатлар асло маъқул келмади, у тиллақўнғизни қумга отиб юборди. У, худди манжаниқ каби, боши билан қочиб қолмоқчи бўлган ўлжасини аниқ мўлжалга олиб шундай қум сочдики, Ялпоқвойни қутқарувчининг қанотига шикаст етказди. Агар Қарсилдоқ дўстига ёрдамга улгурмаганда эди, Миттивой бақалоқ қўнғиз билан бирга бу очофат йиртқичнинг тушлиги бўлган бўларди.
Ялпоқвой чумолилар шеридан узоқроққа хавфсиз жойга олиб борилгандан кейин кўзларини очиб, ўзига келди.
— У-уф-ф, хайрият-эй! — деган сўзни айта олди, холос.
Миттивой ҳозиргина қутқарилган бақалоқнинг ёнига ўтирди, Қарсилдоқ дўстининг шикастланган қанотини кўздан кечирди. Ҳандақдан биринчи бўлиб чиқарилган ва ҳушидан кетган бақалоқ Бронза рангни қолган қўнғизлар қанотлари билан елпий бошладилар.
Кейин ҳамма тиллақўнғиз ва қора қўнғиз атрофига йиғилдилар.
— Ҳаммамиз бир бўлиб иш кўрганимиз жуда қўл келди-да! — деб хитоб қилди Қарсилдоқ. — Лекин чумолилар шерини нима қилишимиз керак? У ўз хоҳишича бу ердан кетмайди.
— Менда бир ғоя бор! — деда ҳаяжонланиб Миттивой. — Бу ваҳшийнинг тузоғи ҳақида ҳаммага айтамиз, унинг атрофига огоҳлантирувчи ёзув битилган тахтани ўрнатиб қўямиз. Ҳеч ким бу ердан юрмайдиган ва судралиб ўтмайдиган бўлади, демак, чумолилар шери сизларнинг ўрмонингиздан ўзидан ўзи нарироқ гумдон бўлишига тўғри келади.
Ҳаммаси тиллақўнғиз ўйлагандай бўлди. Тақир чўлда қуйидаги ёзувлар битилган тахта пайдо бўлди: «Эҳтиёт бўлинг! Чумолилар шери тузоғи! Бу ерда ёлғиз юрманг!»
— Барибир, дўстларинг бўлгани яхши-да! — деди Миттивой қора қўнғизга улар ҳавога кўтарилиб яна Серқуёш ўтлоқзорга учиб келганларида. — Айниқса, бошингга кулфат келганда, буни яхши тушунасан.
— Гапинг тўғри, — деб тасдиқлади Қарсилдоқ.
Ўлим хавф солиб турган лаҳзаларда тиллақўнғиз Миттивой бақалоқ қўнғизларга ёрдамга келди. Аммо Миттивой улар билан таниш эмас эди. Азиз дўстим! Эҳтимол, сизнинг ҳаётингизда ҳам шундай вазият бўлгандир: сиз ўз яқинингизга ҳақиқий севгини ва дўстона ғамхўрликни намоён қилгандирсиз? Ёдингизда тутинг: Исо Масиҳ Ўз ҳаёти эвазига ҳаммамизни гуноҳдан ва ўлимдан қутқарган.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Бадарға қилинган генерал
Қора қўнғиз ва тиллақўнғиз уйга шошардилар. Иккала дўст Тақир чўлни босиб ўтиб, ўрмон четига учиб келганларида, кеч кириб қолган эди. Бирдан улар кимнингдир оҳ-воҳ қилаётганини эшитиб қолдилар. Қарсилдоқ қулоқларини динг қилди: оҳ-воҳ яна қайтарилди. Шунда қора қўнғиз Миттивойда, сен ҳавода қол, деган ишорани қилди ва тезлик билан пастга шўнғиди. Кимсасиз бу саҳрода бирон хавф-хатар бўлиши мумкин-ку.
Қарсилдоқ биро оз тафти кетиб қолган қумга қўнди. Кейин қарасаки, ўзидан бир оз нарида қимир этмай бир ҳашорот ётибди. Ҳашорот тирикми, ё ўликми – билиб бўлмасди.
— Эй, биродар, тирикмисан? — деб чақирди Қарсилдоқ аста-секин нотанишга яқинлашаркан.
Жавоб бўлмади.
Қарсилдоқ яқинроқ келди ва ҳашоротнинг устига эгилди, шундан кейин Миттивойга қараб қичқирди:
— Ёрдам бер! Бу қора чигиртка! Уни офтоб урганга ўхшайди.
Икковлашиб чигирткани баланд қарағай дарахти остига олиб ўтдилар ва соя жойга қўйдилар. Яхшиямки, қуёш ботган, соя анча катталашиб борарди. Чўл бўйлаб соя кенгайиб, ҳузурбахш шабада олиб кела бошлади.
Қора қўнғиз чигирткани чалқанчасига ётқизиб, уни қанотлари билан елпий бошлади. Тез орада унинг ҳаракатлари натижасини берди, чигиртка кўзларини очди. Чигиртка ўзининг тепасида эгилиб турган нотанишларнинг мўйловини кўриб, сўради:
— Сизлар кимсизлар?
— Қўрқма, биз сенинг дўстларингмиз, — деб хотиржам қилди уни Миттивой.
— Менинг дўстларим йўқ, — деб эътироз билдирди чигиртка.
— Эҳтимол, ҳозир дўст орттирадиган пайтингдир, — деб таклиф қилди Қарсилдоқ. — Бу чўлни бир ўзинг ёлғиз босиб ўтолмайсан. Сен Серқуёш ўтлоқзорга йўл олган эдингми?
— Билмайман, — ғўлдиради у қумга ўтирар экан.
— Э-ҳа, балки у адашиб қолгандир, Қарсилдоқ, — шивирлади Миттивой. — Кел, у уйига етиб олишига ёрдам берайлик.
— Чамаси, сен адашиб қолганга ўхшайсан, — деди қора қўнғиз. — Айт-чи, сен қаерда истиқомат қиласан? Уйингга қайтиб боришингга сенга ёрдам берамиз.
— Менинг уйим йўқ, — деб хўрсинди ўша чигиртка.
— Менга қара, Қарсилдоқ, уни ўзимиз билан бирга олиб кетсак-чи, — яна шивирлади Миттивой. — Жуда даҳшатли-ку уйи йўқ бўлса.
— Албатта, Миттивой, ўзимиз билан бирга олиб кетамиз. Аммо олдин унинг қаерданлигини билишимиз керак, чунки…
Аммо қора қўнғиз гапини охиригача гапириб бўлишига чигиртка имкон бермади.
— Раҳмат, — деди у, — менга ёрдам керак эмас. Ўзим ҳам ҳеч кимга керак эмасман.
— Эҳ, дўстим-а. Бекорга шундай деяпсан, — деб эътироз билдирди Қарсилдоқ. — Бунақаси бўлмайди.
— Афсуски, бўлар экан. Менинг кимлигимни билганингиздан кейин, сизлар ҳам менга ёрдам бермайсизлар.
— Сен кимсан? — деб сўради Миттивой.
— Мен собиқ генералман. Афсуски, энди собиқман. — У ғамгин ҳолда кулимсиради. — Наҳотки менинг ташқи кўринишимдаги ғалати ҳолатни пайқамаган бўлсангизлар?
— Йўқ, — бир овоздан жавоб берди иккала дўст.
— Менинг мўйловларим синиб кетган, мўйловсиз генерал – генерал эмас. — У жим қолди ва ғамгин хўрсинди. — Ўтирсаларингиз-чи. Менинг тарихим узоқ... синиб кетган мўйловим, тарихим каби, жуда узун бўлган эди.
Чигиртка шошилмасдан бошидан ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб бўлгунча, қуёш нурларини баланд ўрмон ортига яшириб бўлган эди.
— Мен бошқа чигирткалар билан бирга ўрмон четида яшардим. Болалигимданоқ менинг орзуим ҳукмронлик қилиш, генерал бўлиб, қўл остимдагиларга буйруқ бериш бўлган эди. Ўзимизнинг музофотда мен энг шафқатсиз жангари деб ном таратдим, мен ҳақимда фақат салбий гаплар тарқаларди, холос. Мен ҳар доим вақтимни бошқа чигирткалар билан олишувда ўтказиб, ўзимнинг истеъдодимни – ўзим мағлуб қилган ҳамма чигирткаларнинг мўйловларини тишлаб узиб ташлашга ҳаракат қилардим ва шу тариқа камолотга эришиб боравердим. Олишувда мўйловидан маҳрум бўлган чигиртка шарманда бўлган ҳисобланарди, шундан кейин ундан ҳеч ким ҳеч қачон қўрқмасди.
Мен мағлуб қилган чигиркаларнинг қулоғимга ёлвориб айтган илтижоларини эшитмасликка олардим, ҳеч қачон ҳеч кимга шафқат қилмасдим. Ким билан олишган бўлсам, унинг мўйловини таг-тугидан тишлаб узиб ташлардим. Менинг қурбонларим мўйловларидан маҳрум бўлиб, ўрмон четини тарк этардилар. Улар шармандаликларини яшириш учун ўз уйидан узоқда сарсон-саргардон бўлиб юришга мажбур бўлар , зиммасига азоб-уқубат ва ўлимни олар эди. Мен генерал бўлганимдан кейин, қўл остимдагиларнинг ҳаммасини баттар қўрқитадиган бўлдим. Улардан биронтаси менга гап қайтармас ёки мен билан баҳслашмасди.
Бир неча йил давомида ўрмон четида мутлақ ҳукмрон бўлиб юрдим. Аммо кунларнинг бирида чигирткалар менги фитна уюштирдилар. Чигирткаларнинг орасида ҳеч кимга бирон марта ҳам озор бермаган, ювош бир чигиртка бор эди. Мен ўша чигиртканинг мўйловини тишлаб узиб олганимдан кейин фитна уюштирилди. Фитначилар мени боғлаб, судга топширдилар. Менинг собиқ қўл остимдагиларнинг ҳукми қаттиқ— менинг мўйловларимни узиб ташлаш эди! Ҳеч ким мен тарафда туриб бирон сўз айтмади.
Мен қилмишимга ярашасини олган эдим, — ғамгин оҳангда гапирди бир оз ўйлаб туриб бадарға бўлган чигиртка. — Аммо менинг аскарларим менга қараганда анча олийжаноб эканлар. Чунки улар менга ўзлари билан яшашга ижозат бердилар. — Генерал яна хўрсинди. — Аммо мағрурлигим бу таклифни қабул қилишимга йўл қўймади. Сизлар тасаввур қила олмайсизлар: мўйловсиз қолиш – ниҳоятда шармандалик ҳисобланарди-да!
Миттивой индамасдан гангиб қолган Қарсилдоққа қаради. У ҳам шафқатсизлиги учун жазоланган генералга қандай ёрдам беришни билмасди.
— Балки, биз билан бирга кетарсан? — тортинибгина таклиф қилди тиллақўнғиз. — Бизнинг ўтлоқзорда сени ҳеч ким хафа қилмайди.
— Тўғри, сен қарағай дарахти устидаги менинг уйимда жойлашишинг мумкин, — деб Миттивойнинг таклифини маъқуллади Қарсилдоқ.
— Катта раҳмат, — деб жавоб берди генерал. — Аммо чигирткалар уячаларда яшайдилар.
— Мана бу бошқа гап! Менимча, Чаққон амаки сенга ёрдам беришидан хурсанд бўлади. Чигирткалар билан қора чигирткалар умумий тил топиша оладилар, — деб маъқуллади қора қўнғиз. — Майли, ўзинг ўйлаб кўр, бу ерда қолишинг мумкин эмас: очликдан ёки тунги совуқдан нобуд бўлишинг мумкин.
— Мен шундай аҳволга тушишим керак, — деди қора чигиртка. — Мен шу кўргуликларга яраша қилғиликлар қилдим.
Миттивой бу бахтиқаро генералга ачинганидан кўзларига ёш келди.
— Аммо сен ҳали яшашинг керак, чунки... чунки, - деб гап бошлади у.
— Бошқалар учун яшашинг керак, — бидирлади Қарсилдоқ. — Ахир, сен ҳеч қачон бошқалар учун яшамаган бўлсанг керак?
— Ҳамма гап шунда-да, мен бошқалар учун яшай олмайман, — деб тан олди қора чигиртка. — Бу жуда қийин бўлса керак.
— Аммо албатта мумкин, — деб тасдиқлади Қарсилдоқ. — Юр биз билан, сени Кекса ари билан таништирамиз. У бизнинг ўтлоқзорда энг донишманди, у албатта, сенга ёрдам беради.
— Сизлар шундай ўйлайсизларми? — ҳамон шубҳаланарди генерал. — Мен кечирилишим учун умид қилсам бўладими?
— Албатта, — деб жавоб берди иккала дўст бирданига.
— Демак, мен янги ҳаётни бошлашим учун имконият борми? — ишонқирамай сўради қора чигиртка.
Қарсилдоқ билан Миттивой ҳеч қандай жавоб бермадилар. Улар индамай генералга оёқчаларини узатиб, ердан туриб олишига ёрдам бердилар. Кейин учаласи шошилмасдан Серқуёш ўтлоқзор томонга юриб кетдилар.
Қора чигиртка-генерал бошқа чигирткаларга шафқатсиз муносабатда бўлгани учун мана шундай жазога мубтало эди. Азиз китобхон! Эҳтимол, сиз ана шундай шафқатсизлик қилган одамларга дуч келгандирсиз? Фақат ўзи учун яшайдиган ва бошқалар ҳақида ўйламайдиганлар бу қилмишлари учун жазосини олишларига тўғри келади. Аммо агарда одам хатоларини тан олиб, тавба қилса, ҳаммасини бошқатдан бошлаш имконияти пайдо бўлади. Исо Масиҳга юрагимизни очганимизда, биз ўзгарамиз, янги одамлар бўламиз.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
ЯНГИ УЧРАШУВЛАР
Адмирал ва Чакамуғ
Эртаси кун эрталаб Миттивой ғалати товушдан уйғониб кетди. У ойна олдига югуриб келиб, уйдан сакраб чиқди, чунки у ғалати бир нарсани кўрган эди. Бир неча дақиқа олдин Серқуёш ўтлоқзор устида қуёш нурларини сочиб турган бўлса ҳам, бирдан осмонда пайдо бўлган сон-саноқсиз турли рангдаги капалаклардан осмон қоронғилашиб кетди. Гўё улар тобора кўпайиб бораётгандай туюларди. Ўтлоқзорда яшайдиганларнинг ҳаммаси уйларидан галалашиб чиқдилар ва бошларини юқори кўтариб, нималардир деб, шу ерда туриб қолдилар.
— Нима, болакай, бунақасини ҳеч қачон кўрмаганмисан? – деб сўради Миттивойдан Хон Қизи хола. – Капалаклар уйларига қайтяптилар.
— Улар қаердан учиб келдилар? — деб сўради тиллақўнғиз бу ажойиб манзарадан кўзларини уза олмай.
— Узоқ иссиқ ўлкалардан, — деб жавоб берди Хон Қизи хола. — Саёҳатчилар орасида бизнинг Чакамуғ капалагимиз ҳам бор. Бугун сен билан биз ундан ҳаммасини батафсил билиб оламиз.
Миттивой сеҳрлангандай бир соат капалакларнинг ажойиб учишларига маҳлиё бўлиб турди. Гўзал капалакхонларнинг охиргиси дарахтлар ортида ғойиб бўлгандан кейин, у жойидан қўзғалди.
Ўша куни шунақангги суҳбатлар бўлдики! Ҳаммалари номаълум мамлакатлар ҳақида, у ерлардаги ажойиб, қизиқарли нарсалар ҳақида гапиришарди. Миттивой бу суҳбатларни диққат билан тинглади. “Мана шунақа пайтларда капалак бўлмаганингга афсусланиб кетасан-да! – деб ўйлади у. – Мен ҳам Тақир чўлдан узо-узоқларга учиб кетсам дейман-у... Нимага мен ҳамон бунчалик кичкинаман?...Нимага капалак эмасман? ”
Тиллақўнғиз йиғлаб юборгудай бўлиб, ўтлоқзор четидаги ўзи яхши кўрадиган жойда ҳаммадан яширинмоқчи бўлди. У ўша ерга учиб бориб, қариқиз ўтининг катта баргига қўнди ва ғамгинлик билан чуқур хўрсинди.
— Нимага чуқур хўрсиняпсан? Ўйлашимча, сен йўл босиб, узоқ мамлакатлардан учиб келган бўлсанг керак, - у ёнгинасида кимнингдир ана шу сўзларини эшитди.
Миттивой бошини кўтариб, бинафша поясида қанотларида қизил йўл-йўл чизиқлари бор қора-қўнғир капалакни кўрди.
— Салом. Кечирасиз, сизни кўрмай қолибман, — деди хижолат бўлган тиллақўнғиз. — Менинг исмим Миттивой, мен мана шу ўтлоқзорда яшайман. Сиз капалаклар билан бирга учиб келган бўлсангиз керак? — деб қизиқди у.
— Йўқ, мен бир ўзим саёҳат қилиб юрибман, — мағрурлик билан жавоб берди нотаниш капалак. — Менинг исмим Адмирал, учиб келишим қанчалик қийин бўлмасин, менга ҳеч қанақа компания керак эмас. Мен географияни жуда яхши биламан, ҳаво йўналишини аниқлай оламан ва... – Бирдан у тўхтаб қолди ва киноя билан нафратомуз “ҳм” деб қўйди. – Гарчи сен буларни тушунмасанг ҳам айтиб қўйдим-да.
Миттивой бу сўзлардан бир оз хафа бўлгиси ҳам келди, аммо қизиқувчанлик устун келди. У сўради:
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз қаердан учиб келдингиз?
— Мен бутун дунёни айланиб чиқдим, деб айтсам ҳам бўлаверади, — деб мақтанди Адмирал. — Агар аниғини айтишимни кутаётган бўлсанг, мен ҳозиргина Африкадан келдим.
Тиллақўнғиз бу капалакка ниҳоятда иззат-ҳурмат билан қаради, чунки “Африка” деган ғалати сўз унинг тасаввурларини асир қилиб қўйган эди.
— Илтимос, менга Африка ҳақида гапириб беринг! — ялинганнамо оҳанг билан хитоб қилди у.
Адмирал бамайлихотир ва виқор билан катта қанотларини йиғиб, яна очди, кейин орзу-хаёлларга берилиб, чуқур нафас олди ва гапира бошлади:
— О, Африка — ажойиб олам! Бу мамлакат сенинг тушингга ҳам кирмаган бўлса керак! Оҳ, у ердаги гулларни айтмайсанми! Ҳаво иссиқ кечалари гуллар шундай оромбахш ҳидлар таратадики! Мана бу бинафшаларга ўхшаган эмас, — дея нафрат билан афтини буриштирди Адмирал.
— У ернинг аҳолиси ажойиблигини айтмайсанми! — гапида давом этди Адмирал. — Тропик ўрмонларда баҳайбат қўнғизлар югуриб юришади, улар – ажойиб ижод намуналари! Бизнинг муғомбир буғуларни уларга ҳатто солиштириб ҳам бўлмайди! Чирилдоқлар шундай куйлайдики, ром қилиб қўяди! Аммо энг ажойиби – юрадиган тоғлардир, уларни филлар деб аташар экан. Ана ўша юрадиган тоғлардан иккитаси бизнинг бутун ўтлоқзорни эгаллайди, — завқ билан ҳикоя қилди Адмирал. — Тропик ўрмонлар кечалари худди кундуз кундагидай ёп-ёруғ, чунки у ерда Кукухо деган ажойиб тиллақўнғизлар яшайди. Уларнинг кўкракларидан зангори ранг товланади, қоринчалари – тўқ сариқ ранг таратади. Ана буни мўъжиза деса бўлади! Сен эса фақат ялтироқсан, холос, бор-йўғинг шу! — Саёҳатчи раҳмдиллик билан бошини тебратди. — Майли, хафа бўлма, ҳамма ҳам мукаммал бўла олмайди-ку!
Миттивой ўзини шунчалик ҳақоратланган ҳис қилдики, нотаниш мамлакат ҳақидаги ғаройиб воқеаларни ҳам эшитгиси келмай қолди.
— Кечирасиз, буларнинг ҳаммаси жуда қизиқарли-ю аммо мен учиб кетишим керак, — бурнини тортиб секингина гапирди Миттивой.
— Тўғри, бизнинг телба асрда қаёққадир шошадилар, — хўрсинди Адмирал. — Ҳеч ким мукаммал намунани ўрганишни истамайди. Афсус, афсус, — таънаомуз гапирди Адмирал.
Миттивой кўз ёшларини кўрсатмаслик учун такаббур капалакнинг олдидан шошилганича учиб кетди. У йиғлаб юборай дерди, чунки капалак уни номукаммал ижод деб ҳисоблади-да. Миттивойнинг ичини кучли ўкирик қамраб олди, шу боис гуллаган шохчага чакамуғнинг қандай учиб келганини билмай қолди.
— Салом, кичкинтой, — деган овоз эшитилди.
— Салом, — аранг гапира олди Миттивой оёқчалари билан кўз ёшларини артаркан.
Миттивой бу ерда бинафша баргида ўтирган чакамуғ капалакни кўрди. Капалак узоқ учиб йўл босиб келганидан анча чарчаган кўринарди. Капалак четлари шикастлаган қанотларини йиғди, унинг қанотлари қуёшда куйган, гул рангини йўқотган эди.
— Нимага йиғлаяпсан? Адашиб қолдингми? — ҳамдардлик билан сўради капалак.
— Мен асло адашганим йўқ, — пўнғиллади тиллақўнғиз. — Мен каттаман, асло тасаллига муҳтож эмасман. Бегоналарнинг маслаҳатлари ҳам менга керак эмас. Умуман, ўзингизнинг ажойиб мамлакатингизга учиб кетаверинг, мени тинч қўйинг, — қизишди Миттивой.
— Агар менинг сўзларим сенга оғир ботган бўлса, кечирасан, тиллақўнғиз, — мулойимлик билан деди капалак, — аммо сен ҳақ эмассан. Узоқ мамлакатлар асло яхши эмас. Албатта, ҳамма нарса биздагидай эмас. Менга эса ўзим туғилган ўтлоқзор жуда ёқади. Мен шу ерда катта бўлганман, менинг энг яхши хотираларим шу жой билан боғланган. Мен энг яхши кўрган нарса – чакамуғ шохчаси! Дунёдаги ҳар қандай гулни унинг содда гўзаллигига солиштириш мумкин эмас!
Миттивой капалакнинг сўзларидан ҳайрон бўлиб жим қолди.
— Адмирал менга айтишича, Африка энг мукаммал ўлка экан, — деди ниҳоят Миттивой.
— Менимча, у адашяпти, — деди кулиб Чакамуғ капалаги. — Бу оламда мукаммал мамлакат йўқ, менга ишонавер. Агар ўзинг яшаётган жойни севсанг, уни мукаммал ҳисоблайсан.
— Демак, менинг Серқуёш ўтлоқзорим Африкадан ёмон эмас экан-да? — деди хурсанд бўлиб Миттивой.
— Ёмон эмас дейсанми?! — ҳайрон бўлди Чакамуғ капалаги. — бу ер энг яхши ўтлоқзор, чунки бу ерда сен билан менинг дўстларимиз яшайди!
— Мана бу жуда зўр гап бўлди! — хурсанд бўлди Миттивой. — Демак, мен дунёдаги энг яхши мамлакатда яшаяпман! Тезроқ бориб, бу ҳақда Қарсилдоқ билан Кўк чигирткага айтишим керак!
Миттивой ўзида йўқ хурсанд бўлиб, дўстлари ёнига учиб кетди. Чакамуғ капалаги эса унинг ортидан табассум қилганича қараб қолди.
— Нақадар бахтиёрман! — деб такрорларди капалак. — Мен ўз уйимдаман!
Воқеа қаҳрамони капалак Адмирал — димоғдор, такаббур мавжудот эди, у она юртига келганидан хурсанд бўлиши керак эди. Аммо бу нуқсонлари уни хурсандчиликдан маҳрум қилди. Сиз ҳам, дўстим, бу воқеа қаҳрамонини эслатадиган одамларни учратган бўлсангиз керак? Агар кимдир сизнинг ҳаётингизни нуқсонли ва зерикарли деб ҳисобласа, ўзингизни номукаммал ижод деб ҳисобласа, дарров умидсизликка тушманг. Ҳамма нарсага бошқача кўз билан қаранг, боридан хурсанд бўлинг. Балки, сизда ҳам оз нарса бўлмаса керак?
Худонинг каломи шундай таълим беради: “
Чақалоқ филча
Салқин кечаларнинг бирида Миттивой ва Кўк чигиртка эски эман дарахтидан унча узоқ бўлмаган жойда ўйнаётган эдилар.
— Етолмайсан, тутолмайсан! — деб қичқирарди чигиртка қалин ўтлар устида баланд сакрар экан.
— Агар тутиб олсам-чи, унда нима бўлади?
— Ундай ҳолда, мен генерал қора қўнғиз билан саломлашаман, —Миттивойнинг атрофида сакрашдан тўхтамай жавоб берди чигиртка.
Тиллақўнғиз бу гапни эшитиб тили калимага келмай қолди.
— Нимага жим бўлиб қолдинг, Гўдак? — деб сўради чигиртка дўстининг боши тепасидаги мойчечак поясида тебранар экан. — хафа бўлдингми? Қўйсанг-чи ҳазиллашдим. Мен бугун у билан саломлашдим, — деб кечирим сўради Кўк чигиртка дўсти томон сакраркан. — Мен уни Чаққон амаки билан кўриб: “Салом, генерал!” дедим. Айтишларича, у яхши йигитча экан, бизнинг мусиқачиларимизга янги куй ўргатибди. Умуман олганда...
Бирдан чигиртка бидирлашни бас қилиб, ҳушёр тортди.
— Эшитяпсанми, Гўдак? Менимча, бу овоз анови ёқдан келяпти. — Чигиртка эман дарахти томонни кўрсатди.
— Нима деяпсан? Мен ҳеч нарсани эшитмаяпман.
— Товушларни айтяпман. Ғалати товушлар. Худди бир нарсани кимдир кесаётганга ўхшайди. Ана. яна… Қани, кўрайлик-чи.
Чигиртка дўстининг жавобини ҳам кутмасдан, кучи борича эман дарахти томонга сакради. Миттивой иккиланиб туриб қолди. Гарчи тиллақўнғиз Кўк чигиртка туфайли бир неча марта оғир вазиятда қолган бўлса ҳам, дўстига бефарқ бўла олмасди. У оёқчаларини силтаб, унинг ортидан учиб кетди.
Енгил шабада эгри-бугри қари эман баргларини ўйнарди, эманнинг остида катта думлоқ тош ётган эди. Чигиртка ана шу катта тош устига сакради, бошини юқорига кўтарди ва баҳайбат шох-шаббаларга қаради.
— Менга қара, Гўдак, разведкага бор, — деди у эндигина учиб келган тиллақўнғизга. — Мен ўзим учиб борган бўлардим-у, аммо менинг қанотчаларимни сеники билан солиштириб бўладими?! Бунинг устига, мен зарб билан югуришим керак, аммо буни ҳозир қилиб бўлмайди. Учасанми? —илтижо оҳанги билан сўради Кўк чигиртка. — Қани, Гўдак, бир дўстлик қилгин!
— У ерда мен нимани излашим керак? — эътироз билдиришга ҳаракат қилди тиллақўнғиз.
— Ҳамма ғайритабиий нарсаларни, — астойдил тушунтирди Кўк чигиртка.
Миттивой бош билан тасдиқлаб, шошилмасдан тобора юқорига кўтарила бошлади. Тиллақўнғиз қалин барглар орасида кўздан ғойиб бўлмагунча, Кўк чигиртка тош устида ўтирганича дўстининг ортидан диққат билан кузатиб қолди.
Аввалига Миттивойнинг атрофи жим-жит бўлди. У бир оз ўзига келиб олиш учун шохчалардан бирига ўтирган ҳам эдики, шундоқ ёнгинасида қулоқни тешиб юборгудай “виз-виз” деган овоз эшитди. Овоз кутилмаганда пайдо бўлгани учун, тиллақўнғиз шохчадан йиқилиб тушишига оз қолди. У ҳар эҳтимолга қарши эманнинг катта-катта барглари остига яширинмоқчи бўлди.
Бир-икки дақиқа жимлик ҳукм сурди. Аммо яна ўша “виз-виз” деган ғалати овоз тарқалди. Овоз бир неча марта такрорланди.
— Нима бўлса бўлар, — деди ўзига ўзи Миттивой жасорат билан, — разведкага учиб бораман, акс ҳолда Кўк чигиртка роса асабийлашаётган бўлса керак.
Тиллақўнғиз бир оз хотиржам бўлиш учун чуқур нафас олди ва барглар орқасига яшириниш учун эман дарахтининг юқорисига кўтарила бошлади.
У яширинча ва ҳар тарафга диққат билан қулоқ солиб уча бошлади. Ана, сирли “виз” деган овоз нақ унинг қулоғи остида жаранглади. Миттивой қўрқиб кетди, аммо у дадил равишда номаълум томонга учиб кетди. Чунки қўрқоқларни жасур қиладиган интилишни у синаб кўрмоқчи эди.
«Ҳеч нарса юз бермаётганга ўхшайди, — деб ўйлади тиллақўнғиз. — Ҳеч қандай ҳаракат йўқ, фақат ғалати овозлар, холос. Нима бўлиши мумкин?»
Миттивой шохча устида туриб қолди, бутун вуужуди қулоқ ва кўзга айланган эди. Бирдан эман баргларидан биттаси ўзидан ўзи қайрилиб, футляр шаклига кириб қолди. Тиллақўнғиз ҳайрон бўлганидан ҳатто оғзини очганича қолди. Ахир, бунақасини у ҳеч қачон кўрмаган эди-да. Лекин мўъжиза шу билан тугамади, шу лаҳзада Миттивой кимнингдир йўғон овозда куйлаётганини эшитди:
— Ажойиб уй қуряпман, қуряпман кичкинтойларим учун!
Атрофда тирик жон йўқ, фақат кўм-кўк барглар шитирлайди, холос. “Барглар қўшиқ айтганини ҳеч қачон эшитмаган эдим”, - деб хаёлидан ўтказди Миттивой.
Шу пайт кимдир дўриллаган овозда куйлашни давом эттирди:
— Ажойиб уй қуряпман, қуряпман кичкинтойларим учун!
Кутилмаганда Миттивойнинг қулоқлари остида яна чийилдоқ овоз эшитилди:
— Азизим, уйча тайёрми?
— Тугай деб қолди, — деб жавоб берди номаълум қурувчи йўғон овозда.
— Ҳали кўп кутиш керакми? — тўнғиллади кимдир.
— Жонгинам, агар сабринг чидамаётган бўлса, бориб ўзинг қараб кўришинг мумкин.
Миттивой ёнгинасида жажжи оёқчаларнинг дупур-дупур овозларини эшитди. У баргларга яна диққат билан қаради, аммо ҳеч кимни кўрмади. Бироқ бир дақиқадан кейин кўк футлярга ўхшаш эман дарахти барглари тебрангандай, унинг ичига кўринмас кимдир киргандай бўлди.
— О, қандай ажойиб-а! — деган майин овоз эшитилди. — Филча, сен қўли гул уста эканингга асло шубҳа қилмаган эдим.
Миттивой “филча” сўзини эшитгандан кейин, ўзини йўқотиб қўяй деди. Кеча Адмирал сирли Африка ва у ернинг ажойиб аҳолиси ҳақида айтганларини Миттивой эслади. Тўғри, у майда филчалар ҳақида эмас, балки улкан, юрадиган тоғларга ўхшаш филлар ҳақида гапирган эди.
«Наҳотки бизнинг ўтлоқзорда ҳам филлар пайдо бўлса? — деди қўрқув билан Миттивой. — Агар бугун улар бор-йўғи сирли мавжудотлар бўлса, бир неча ойдан кейин улар катта бўлиб, баҳайбат филларга айланади-ку! Бу ҳақда зудлик билан бобомизга - Кекса арига айтиб, чоралар кўриш керак».
Тиллақўнғиз ўқдеб отилиб пастга тушди.
— Хўш, хўш, хўш… Нима бўляпти экан у ерда, айт-чи! — туртди дўстини Кўк чигиртка.
— У ерда… филлар бор экан! — ҳаяжондан тутилиб, бидир-бидир гапира кетди Миттивой. — Кекса ари бобонинг олдига тезда учиб борайлик! Бир дақиқани ҳам ўтказмаслигимиз керак!
Кекса ари уйининг ёнидаги наъматак шохчасида оғир, вазмин ҳолатда ўтирган эди. У қуёш ботишини томоша қилиб, завқланиб ўтирган экан. Бирдан ёнгинасидаги шохчага осмондан тушгандай, Кўк чигиртка ва тиллақўнғиз тушиб келди. Уларнинг пайдо бўлиши шундай бесаранжомликни пайдо қилдики, қўшнилар безовта бўлдилар, бунинг учун Кекса ари кечирим сўради.
— Бобо, анови ерда...анови ерда… филлар бор экан! — бир-бирига гап бермай бақира кетишди Миттивой билан Кўк чигиртка.
— Улар кўринмайдилар! Депсиниб юрадилар экан! — Тиллақўнғиз сабри чидамай, ҳамма кўрганларини биринчи бўлиб айтиб беришга ошиқарди.
— Бирон нарса қилиш керак, ари бобо! Филчалар тоққа ўхшаб катта бўлиб кетганларидан кейин бизнинг ўтлоқзорларимизни эгаллаб оладилар, — оёқчаларини ёйиб, ғазаб билан гапирди чигиртка.
— Тўхтанглар, тўхтанглар, тўхтанглар! Қани, ҳаммасини бошидан бошлаб гапириб беринглар-чи, — деб дўстларини тинчлаантирди Кекса ари. — Навбат билан гапиринглар.
Миттивой разведкага кетаётганда, қари эман дарахти тепасида кўрганларини ҳикоя қилиб бера бошлади. У гапини тугатгандан кейин хитоб қилди:
— Бу қўрқинчли-ку! Шундай эмасми?! Ахир, кўринмас филлар юрибди!
Кекса ари жавоб бериш ўрнига сертук биқинини оёқчалари билан ушлаб, хохолаб кулиб юборди:
— Вой-вой, гапларингиз бор бўлсин-да!
Ҳеч нарсани тушунмаган дўстлар унга ҳайрон бўлиб қарадилар.
— Эҳ, болалар, сизлар билан одам зерикмайди! — Кекса ари бобо оёқчалари билан кулгидан кўз ёшларини артди. — Сен, Миттивой, бор-йўғи филчанинг ўз кичкинтойлари учун уйча қураётганини кўрибсан, холос. Албатта, ғайриодатий, айтиш мумкинки, ғаройиб уй, аммо …
— Аммо улар кўринмайдилар-ку! Мана шуниси қўрқинчли, — деб Кекса арига яна бир бор эслатди тиллақўнғиз.
— Йўқ, Миттивой, бу лайчалар жуда кичкина. Уларни филчалар деб аташларига сабаб шуки, уларнинг кичкинагина бурун-хартумчаси бор. Хуллас, филларнинг босқини бизнинг ўтлоқзорга асло хавф солмайди.
Миттивойнинг хижолатга тушиб қолгани ва ҳафсаласи пир бўлганидан дўсти бурнини тортиб қўйди.
—Аммо сиз, болалар, ҳақиқи й разведкачиларсиз, — деб мақтаб қўйди Кекса ари ва ҳар икковининг елкасига дўстона қоқиб қўйди. — Тўғрисини айтганда, мен энди хотиржам ухлайман: чунки Серқуёш ўтлоқзорни ҳимоя қиладиган ёш авлод борлигини кўриб турибман.
Бу сўзларни эшитиб, тиллақўнғиз билан чигиртканинг яна руҳлар кўтарилиб, хурсанд бўлиб кулдилар.
— Мен сизларга чақалоқ филча билан дўстлашишларингизни маслаҳат бераман, —нисиҳатомуз деди Кекса ари. — Ахир, баъзан ташқи қиёфа алдамчи бўлади, шунинг учун асл илдизига эътибор беринглар. Филча ўз чақалоқлари учун уйча қураётганда, у мураккаб ҳисоб-китобларни осон ҳал қилади.
— Ҳаракат қиламиз, бобо, — бир овоздан ваъда берди иккала дўст.
Тиллақўнғиз билан чигиртка жуда муҳим ҳақиқатни тушунганларидан кейин, ўша куни ана шундай ажойиб воқеалар юз берган эди. Азиз дўстим! Сиз ҳам Худо яратган бу олам, ўзингиз тасаввур қилганингиздан кўра, бой ва қизиқарли эканига ишонч ҳосил қилганмисиз? Номаълумликдан қўрқманг, сизга қўрқинчли туюладиган нарсаларга диққат-эътибор билан қаранг. Қўрқувлардан озод бўлганингизда, сиз улғайиб қоласиз ва маълум даражада доно бўласиз.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Амазонкалар босқини
Ҳеч нарса кулфатдан дарак бермасди, аммо кулфат Серқуёш ўтлоқзорга чақирилмасдан келди. Тонг қоронғусида хавотирли қасир-қусур овозлари ва Қизил Қўнғизнинг ғувиллаши эшитилди. Бу овозлар хавотирликдан дарак берадиган сигналлар эди.
Бир неча дақиқадан кейин ўтлоқзор уйқудан уйғонган аҳоли билан тўлиб кетди. Миттивой ота-онаси билан ва бошқа тиллақўнғизлар биринчи бўлиб уйчалардан сакраб чиқдилар ва баланд минбар атрофида тун зулматини тарқатиб юбордилар. Минбарга Кекса ари кўтарилди.
— Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси, — деб нутқини бошлади у. — Бир деча дақиқа илгари биз ташвишли сигнал олдик: биз томонга амазонкалар армияси бостириб келаётган экан. — Кекса ари бир нафас тўхтади, гўё бундай даҳшатли хабардан кейин ўзига келиб олиши керакдай эди. — Ҳаммангиз биласиз: бу сариқ золим чумолилар ниҳоятда шафқатсиз. Биз ўз озодлигимиз учун курашишимиз кераклигини сизларга тушунтиришнинг ҳожати йўқ.
— Аммо ўргимчакларга ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ, — бутли ўргимчакнинг пинғиллаган овози эшитилди. — Амазонкалар қулликка фақат қора чумолиларни олиб кетадилар, шу боис менинг қўрқишимга асло ҳожат йўқ.
— Бу гапинг тўғри, — деб тасдиқлади Кекса ари. — Аммо қора чумолилар — бизнинг дўстларимиз. Биз уларни оғир вазиятда ташлаб қўйишимиз тўғрими?!
— Йўқ! Биз кураш олиб борамиз! — деб бақирди ҳамма.
Ўргимчак тўрда оёқчаларини бир муддат айлантириб турди-да, “ҳмм” деди:
— Худкушлар. — У тўйиб ухлаш учун ўз тўрига судралиб кириб кетди.
— Қора чумолиларни ҳимоя қиламиз! Улар бизнинг биродарларимиз! — деб шовқин-сурон қилишда давом этдилар ҳашаротлар.
— Мен сизлардан бошқача жавоб кутмаган эдим, — майин оҳангда гапирди Кекса ари. — Энди бир дақиқани ҳам қўлдан бериб бўлмайди. Бешиктебратар билан Чаққон амаки қопқон ва ғовлар қўйиш учун масъулдирлар. Генерал Қора чигиртка жанг қилишга яроқлиларнинг ҳаммасини тўплайди. Қарсилдоқ ҳамма қўнғизлар ҳаракатини тартибга солади. Қани, ишга киришдик!
Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси зудлик билан катта-катта гуруҳларга бўлиндилар, улардан ҳар бири ўз вазифаларини бажаришга киришди. Иш қайнарди!
Ўрмон устида аста-секин нурларини сочиб қуёш қизариб чиқа бошлади. Ўрмон сўқмоқларидан амазонкалар армияси чурқ этмай борарди. Бу сариқ чопонғич чумолилар узун масофа бўйлаб чўзилиб кетган эди. Уларнинг кимлигини билиб олиш учун қиличсимон ва ўткир жағларига назар ташлаш кифоя эди: бу чумолилар тинчликсевар меҳнаткашлар эмас, балки шафқатсиз жангчилар эдилар!
Амазонкалар бир неча кундан бери Серқуёш ўтлоқзорга томон юришарди. Бу шафқатсиз золимлар нигоҳларини ана шу жойга қаратган эдилар, чунки улар ўзларига яқин жойлардаги чумоли уяларини аллақачон талон-тарож қилиб, катта ёшли чумолиларни қириб ташлаган эдилар. Энди эса уларнинг наслларига хизмат қилиб, парваришлашга мажбурлаш учун зудлик билан янги қуллар керак эди. Амазонкаларнинг режасида чумоли уяларини босиб олиш ва оппоқ пиллаларни – бўлғуси чумолиларнинг уруғларини ўғирлаш вазифаси асосий мақсад эди. Босқинчилар ҳеч қачон катта ёшли чумолиларни асирга олмаган эдилар, чунки исён ёки қўзғолондан хавфсирар эдилар. “Сизлар қул бўлиб туғилгансизлар” деб қулоқларига қуйилган чақалоқларни тарбиялаш осон эди.
Босқинчиларнинг катта армияси ўтлоқзор остоналарида тўхтади. Дастлаб чумоли генерал разведкачиларни юборар экан, шовқинсиз ва тезлик билан ҳаракат қилинглар, деб топшириқ берди. Аммо разведкачилар қайтиб келмадилар. Генерал талмовсираб қолди, аммо ҳужум бошлаш ҳақида буйруқ берди.
Генералнинг армияси бақир-чақир билан олға ташланди. Сариқ чумолиларнинг биринчи қатори ўтлар устида пайдо бўлганда, “Ўт оч!” деган буйруқ янгради. Жангчилар устига думалоқланган гўнглар дўлдай ёғилди. Қарсилдоқ раҳбарлиги остида қўнғизлар қўлбола асбоблардан душманларга ўт очган эдилар. Оқибатда кўплаб сариқ чумолилар гўнг остида қолиб кетдилар. Бу ҳали мудофанинг биринчи чизиғи эди. Кўп ўтмай, ҳавода бомбардимончи қўнғизлар эскадриляси гувиллаб келди ва амазонкаларнинг оёқларига катта-катта қумларни ота бошладилар.
Бундай қақшатқич қаршиликларга қарамай, амазонкалар олға юришда давом этдилар. Улар: “Бизнинг армиямиз катта, шу боис бизни ҳеч ким мағлуб қила олмайди”, деб ўйлардилар. Ўтлоқзорда сариқ чумолиларнинг иккинчи тўлқини бостириб келди, аммо... уларнинг ҳаммаси ўша жойдаёқ барглар ва шохчалар билан ниқобланган ҳандақларга қулаб тушдилар. Бу ҳандақларни айиқчалар қазиган эдилар.
Амазонкалар генерали навбатдаги отрядни юборди. Жангчилар ўтлоқзор ўртасигача ҳеч қаршиликсиз етиб бордилар ва у ерда мустаҳкам ўрнашдилар. Шу орада сариқ чумолиларнинг иккинчи отряди маҳаллий аҳолининг қаровсиз қолган уйларини талон-тарож қилгани ташландилар. Аммо бу ерда уларни пистирма кутиб турарди: бутли ўргимчак ҳар бир эшик олдига ўзининг мустаҳкам тўрини ўрнатган эди. У мазали тушликни қўлдан чиқармоқчи эмас эди! Ҳар бир тўрда қўрқиб кетган амазонкалар осилиб турар, бутли ўргимчак эса хурсандликдан саккизта оёғини бир-бирига ишқарди.
— Олға, жангчиларим! — дарағазб бўлиб бақирди босқинчилар генерали. — Биронтаси ҳам тирик қолмасин!
Энг даҳшатлиси ана шу ерда бошланди. Сариқ чумолилар шиддат билан ўтлоқзорга ёпирилдилар. Уларга маҳаллий аҳоли қарши ташландилар. Жанг қизигандан-қизиди. Ҳар иккала томондан ҳам анчагина йўқотишлар бўлди. Муғомбир буғулар ва шохли қўнғизлар амазонкаларни шохлари билан сузавердилар, аммо душман томон ҳам уларнинг орқасидан ҳужум қилиб, қиличсимон жағлари билан сўяардилар. Бешиктерватар худди тиғдай кескир олд оёқларини ишга солиб, уларнинг ҳужумларини қайтарди, аммо у ҳам ярадор бўлиб, кучдан қолди. Ҳатто кичкинтой Қум бургаси ҳам босқинчиларга қарши кураш олиб борди. У бир жойдан бошқа жойга сакраб, душманларнинг оёқларини тишларди.
Агар каркидон қўнғизлар бўлмаганларида эди, ким билади, бу жанг нима билан тугаган бўларди. Улар жанг роса қизиган пайтда пайдо бўлдилар.
— Бу нима? — деб сўради амазонкалар генерали ваҳимали товушни эшитиб ёнида турган запас отряд командиридан.
— Билолмадим, жаноби олийлари, — деб жавоб берди жасур жангчи титроқ овоз билан.
Бир лаҳзадан кейин ўтлоқзорда баҳа йбат каркидон қўнғизлар пайдо бўлди. Улар шунчалик кўп эдиларки, бирпасда қуёшни зулмат тўсиб қўйгандай бўлди.
— Чекинишга буйруқ бераман! — деб фарёд кўтарди босқинчилар генерали.
Амазонкаларга энди буйруқни такрорлашга ҳожат қолмаган эди. Ўтлоқзорларга қандай баҳайбат мавжудотлар яқинлашаётганини кўриб, улар орқа-кетига қарамай қочиб қолдилар. Серқуёш ўтлоқзорнинг ҳимоячилари “Ура!” садолари остида душман ортидан қувиб кетдилар. Бутун армиянинг бошида ерни ларзага келтириб, каркидон қўнғизлар боришарди. Улар амазонкаларни то улар толиқиб, тўкилиб қолгунларича таъқиб қилиб боравердилар.
— Боплаб адабингизни бердикми сизларнинг! — деб қочиб бораётган амазонкаларнинг ортидан кичкина муштчаларини ўқталиб Қум бургаси.
— Ҳа, бопладик, улар энди бу ерларга бурнини суқмайди, — деб маъқуллади генерал чигиртка.
— Улар жуфтакни ростлаб қолдилар-а! — деди кулиб шохли қўнғизлардан бири. — Оёқларини қўлларига олиб қочдилар-ку!
— Мана, якдилликнинг кучи қаерда экан! — деди жиддий қиёфада Каркидон Каркидонбоевич.
Қарсилдоқ ҳайрон бўлиб унга қаради.
— Сен қаердан пайдо бўлиб қолдинг?
— Э, сенинг дўстинг Миттивой, ёрдам беринг, деб менинг олдимга учиб борди, — деб жавоб берди паҳлавон. — Учиб боришга-ку учиб борди, аммо ўзи бир сўз айта олмайди, нафаси тиқилиб, менинг шохим олдида оёқчалари билан ишора қилади, холос. У мендан нима истаётганини тушунгунимча уч дақиқа вақт ўтди. Кейин тиллақўнғизни елкамга ўтқазиб, бошқа каркидон қўнғизлар билан бирга учиб келдим. Яхшиямки, улгурдик, бўлмаса, босқинчилар сизларни тириклайин жиғилдонига урган бўлардилар.
— Миттивойнинг ўзи қаерда? — деб хавотирга тушди Қарсилдоқ.
— Қаерда, қаерда эмиш? — деб тўнғиллади Каркидон Каркидонбоевич. —Худди ўзинг билмайдигандай гапирасан-а. Ўргимчакни, тўрингга илиниб қолган амазонкаларни қўйиб юборгин, деб кўндириш билан овора. Дунёда ана шунақа тентаклар ҳам бор! — тиржайди у. — Бўпти, майли, ким чарчаган бўлса, елкамга чиқиши мумкин. Олиб бориб қўяман. Бугун жуда сахийман.
Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси хурсанд бўлиб, унинг катта елкасига тирмашиб чиқиб олдилар ва уйларига учиб кетдилар.
Дўстим! Тасаввур қилиб кўринг: агар Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси бирлашмаганда, даҳшатли душманган якдил бўлиб қарши чиқмаганда, нималар юз берган бўларди. Эҳтимол,ҳар қандай кулфат содиқ дўстлар билан қўрқинчли эмаслиги сизнинг ҳаётингизда ҳам юз берган бўлса керак.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Кеккайган Ялтироқ Қўнғиз
Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси бир неча кун давомида ёвуз амазонкалар вайрон қилган нарсаларни тикладилар. Ҳаммалари қўл қовуштириб ўтирмасдан меҳнат қилдилар. Миттивой ҳам бир четда қолишни истамади, шунинг учун бешиктерватарнинг олдига учиб келиб, сўради:
— Мен нима билан ёрдам беришим мумкин?
— О, Миттивой, энг қий ин иш сенга қоляпти. — Бешиктерватар тиллақўнғизнинг елкасига уриб қўйди. — Сен болаларга қараб турасан. Бўлмаса, Хон Қизи холанг бир ўзи эплай олмайди.
Миттивой ҳайрон бўлиб, гапиролмай қолди ва эътироз билдиришга бир баҳона топа олмади. “Мени вайроналарни бир ёқли қилишга оладилар”, деб ўйлаган эди у. Энди майда болалар билан овора бўлади...Э, шуям ишми?
«Мана, масалан, Қарсилдоқ ҳақиқий иш билан банд, — хафа бўлиб, ўкинч билан ўйлади тиллақўнғиз. — Бутли ўргимчак ҳар бир уй олдига қўйган тўрларни у йиғиштиряпти. Кўк чигиртканинг ҳам ўз командаси бор, жанг бошланмасдан олдин филчалар узоқни ўйлаб кесган баргларни у йиғиштирмоқда. Мени – тиллақўнғизни эса каркидон қўнғизларга ёрдам беришга чақиришибди, болаларга қараб турар эмишман! Мана, менга айтган раҳмати! Ҳамма менга шундай муносабатда бўлар экан, ўзлари чиранавершсин. Мен умуман ҳеч иш қилмайман!»
Тиллақўнғиз хафа бўлиб, Серқуёш ўтлоқзордан ўзи яхши кўрадиган жойга учиб кетмоқчи бўлди. “Тез орада мени қидирадилар, айнан ўша ердан топадилар”, дб умид қилди у. Миттивой севимли қайин дарахтига учиб борди ва ўзича тасаввур қилди: “Бешиктерватар кўз ёш тўкиб менга, бундай қўпол таклифим – болаларга қараб тургин деб айтган шармандали иши учун мени кечиргин, дея илтимос қилади”. Қандай қилиб у яқиндагина бўлиб ўтган жангнинг қаҳрамонига – мен, Миттивойга шундай таклиф қилишга журъат қилди?! Кейин, кейин...
Бирдан шатир-шутур овозлари Миттивойни тасалли берадиган орзулардан бошқа томонга чалғитди. Бирпасдан кейин бўтакўзларнинг қалин шохлари орасида унга ваҳима билан қараб турган бир жуфт кўзни кўрди.
— С-сен кимсан? — деб сўради қора кўзли жонивор титраган овозда.
— Менми? — қайта сўради ҳайрон бўлган Миттивой. — Мен тиллақўнғизман. Сен кимсан?
— Мен эса Ялтирок Қўнғизман, — деб жавоб берди қўнғизча яшириниб турган жойидан чиқар экан.
— Ана, холос! Сен ҳақиқатан ялтироқсан! — қойил қолиб деди Миттивой.
Миттивой бир сакраб қариқиз барги устидан тушди ва қўнғизчанинг олдига келди.
— Сенинг чиройли белларингга қўлимни тегизиб кўрсам бўладими? — деб сўради у.
— Бўлади, тегизиб кўравер, — илтифот билан рози бўлди Ялтироқ Қўнғиз.
— Жудаям ажойиб белинг бор экан! — деб ҳаяжон билан гапиришда давом этди Миттивой. — Худди мармарга чизилгандай йўл-йўл чиройли расмлар! Мен ҳалигача бунақасини кўрмаган эдим, — деб тан олди тиллақўнғиз. — Эҳ-а, балки Қарсилдоқнинг қариндоши бўлсанг керак? — бирдан тахмин қилди Миттивой.
— Ҳа, у менинг холаваччам. У менинг қариндошим бўлгани учун омади келган, — деб алоҳида таъкидлади қўнғизча.
— Нимага? — деб тушунмасдан яна сўради Миттивой.
— Мунчалар аҳмоқ бўлмасанг! Дунёдаги энг чиройли қўнғизчанинг акаси бўлгани у учун шараф-ку! — виқор билан тушунтирди Ялтироқ Қўнғиз.
Тиллақўнғиз, шунақаям мақтанчоқ бўладими, деб эътироз билдирмоқчи бўлди-ю аммо жим бўлди, қўнғизча ҳақиқатан чиройли эди. Чиройлигига гап йўқ!
— Сен қаерда яшайсан? — қизиқди Миттивой. — Мен сени ҳеч қачон кўрмаган эдим.
— Албатта, сен кўрмагансан, — деб жавоб берди мағрурлик билан Ялтироқ Қўнғиз. — Мен гўзаллар танловига учиб кетган эдим. Мен узоқ йўл босишимга тўғри келди, кўриб турганингдай, бекорга эмас экан. — У кўкрагида осилиб турган кичкина медални оёқчалари билан кўрсатди, гўё бу Ола-була Тилларанг қанотларнинг бўлаги эмас, балки нур таратиб турган қимматбаҳо олтин ва зумрад тошлар эди.
— Вой, сени қара-я… — деган сўзларни айта олди тиллақўнғиз. — Мана буни гўзаллик деса бўлади!
— Албатта, бу медалга эгалик қилишга ҳақлиман. Мен эса, қолаверса, қора қўнғизлар ўртасида биринчи ўринни эгалладим! Фақат гўзаллик бўйича эмас, балки олий даражадаги учувчиларнинг қомати гўзаллиги бўйича ҳам, — деб мақтанди қўнғизча.
— Албатта, — ғўлдиради Миттивой. — Айтгандай, нимага Қарсилдоқ гўзаллар конкурсига сен билан бирга бормади?
— Қарсилдоқми? — ҳиринглади қўнғизча. — Унинг шу хулқ-атвори билан конкурсга қўядиларми?! Гўзаллик-чи, кичкинтой, — бу, биринчи навбатда, нафисликдир. Қарсилдоқ эса, гарчи менинг акам бўлса ҳам, ростакамига тўнка! Афсуски, оила камчиликсиз бўлмас экан-да.
Бу сўзлар тиллақўнғизга ёқмади, аммо у “ношукур” ўтлоқзор аҳолиси унинг дилига озор берганларини эслаб, эътироз билдирмади.
— Қарсилдоқнинг ўзи ҳам буни тушунади, — деб мулоҳазаларини давом этттирди қўнғизча. — Биласанми, у менга нима деди? — хафалигини изҳор қилган ҳолда сўради у. — У айтдики, ҳақиқий гўзаллик ҳаммага кўриниб турар эмиш, уни медаллар билан намойиш қилиш керак эмас эмиш! Ахир, бу ғирт бўлмағур гап-ку! Кейин эса, менинг назаримда, у энг бемаъни сўзларни айтди: «Ҳақиқий гўзаллик ичда бўлади, фақат аҳмоқлар ташқи томонга қарайди». Лекин мен унинг сўзларига хафа бўлмайман, - илтифот билан чўзиқ оҳангда гапирди қўнғизча, — . — Ҳечам хафа бўлмайман. Ахир, тушунаман: хунук ижод қандай қилиб тасалли топа олсин, фақат ички гўзаллик ҳақида фикр юритишдан бошқа иложи ҳам йўқ-да.
Миттивой ўйланиб қолди, аммо бир оздан кейин ўзига бино қўйган қўнғизча ўша оҳангда давом этди:
— Бугун жуда омадинг бор экан-да, бир ўйлаб кўргинг ўзинг!
— Қанақасига? — тушунмасдан сўради гўл кичкинтой.
— Сен мен билан учрашдинг! Мана шунақа! Мен билан бир соат гаплашганингни ўтлоқзор аҳолисига мақтаниб гапириб берасан. Мана, кўрасан, шундан кейин истаганлар мен билан суҳбатлашгани аудиенция сўраб, оқиб кела бошлайди. Узундан-узоқ навбат кутиб, тизилишиб турадилар… — хаёлларга берилиб гапирди Ялтироқ Қўнғизча.
— Нимани сўрайдилар? — такрор сўради Миттивой.
А-у-д-и-е-н-ц-и-я! — қиёфасига жиддий тус бериб изоҳ берди қўнғизча. — Бу – қабул дегани. Ахир, дунёдаги энг чиройли қўнғизчани кўришни ҳамма ҳам хоҳлайди-ку.
— А-а-ҳа, — чўзиб гапирди тиллақўнғиз.
— Бе-е! — уни масхаралаб тақлид қилди Ялтироқ Қўнғизча.
Тўғрисини айтганда, бу манманнинг мақтанчоқлигидан Миттивой безор бўлди. Унинг ўзи ҳам, биронта дўсти ҳам ўзларининг ташқи томони билан, маҳорати билан ҳам мақтанмаган эдилар. Агар тиллақўнғиз бирон нарсани билмаса ёки тушунмаса, Қарсилдоқ ёки Кекса ари бобо унга тушунтирардилар, улар тиллақўнғизни билмагани учун ҳеч қачон айбламаганлар, калака қилмаганлар.
— Нимага бу ерда яшириниб ўтирибсан? — деб сўради бирдан Миттивой Ялтироқ Қўнғизчадан.
— Ахир, ҳозир ҳамма иш билан банд-ку, — деб жавоб берди қўнғизча. — Эшитишимча, яқинда сизларда шунақангги ишлар бўлибдики! — кўп маъноли қилиб гапирди у. — Энди ҳамма ишга боши билан кўмилиб кетибди. Бу беҳуда ишлар охирига етгандан кейин, мен ўз улуғворлигим билан ялтираб пайдо бўламан. Бирон самара берадиган мақсад билан ҳаммага кўринишни истайман! — деди қўнғизча ва медалини силаб қўйди. — Ҳозир вақти эмас. Иш тамом бўлиши биланоқ, ўша зоҳоти пайдо бўламан.
— Ахир, бу тўғри эмас! — аччиқланди Миттивой.
— Нимага тўғри эмас экан? — ҳайрон бўлди Ялтироқ Қўнғизча. — Жудаям тўғри-да! Агар чиройли ижод намуналари ишлай бошласалар, уларнинг гўзаллигидан асар ҳам қолмайди-да! Хунуклар ишлайверсин, — такаббурлик билан деди ялтироқ қўнғизча.
— Хуллас, сенингча, менинг ҳамма дўстларим хунук экан-да? — қўнғизчанинг бундай нафратланишидан ғазабланиб, қайта сўради Миттивой.
— Нима десам бўлади, ҳаммаси ҳам эмас, — сўзларини биро оз юмшатишга ҳаракат қилди қўнғизча, — кўпчилиги.
— Биласанми, нима? Сенга ўхшаган манман, такаббурни биринчи марта кўришим! — ғазабланиб деди тиллақўнғиз.
— Албатта-да! — заррача ҳам хижолат бўлмай тасдиқлади Ялтироқ Қўнғизча. — Менга ўхшаганини топа олмайсан. Мен — ўз уруғларим орасида ягонаман! Мен — гўзаллик тимсолиман!
— Мени кечирасан, «гўзаллик тимсоли»! — деб қўнғизчанинг гапини бўлди Миттивой, — мен ўзимнинг ўтлоқзоримга учиб кетяпман. Ўша “хунуклар”дан ялиниб-ёлвориб кечирим сўрайман, ақлсизлигим ва такаббурлигим учун мени кечиринглар деб.
Тиллақўнғиз шу сўзларни айтиб, ўтлоқзорга шошилди, гўзаллик тимсоли қўнғизча эса нима бўлганини тушунолмай, оёқчаларини икки томонга ёйди:
— Баттар бўл! Бир сўз гапириб бўлмайди-я. Мунчаям такаббур бўлмаса!
Миттивой билан Ялтироқ Қўнғизчанинг учрашуви мана шу тариқа ниҳоясига етди. Азиз китобхон! Сизнингча, ҳақиқий гўзаллик ҳақида бу воқеанинг қайси қаҳрамони фикри тўғри? Балки, сиз ҳам гўзал, аммо фақат ўзини яхши кўрадиган қўнғизча сингари одамлар билан учрашишингизга тўғри келгандир? Уларга диққат билан қаранг, шунда бир нарсани тушуниб оласиз: ташқи жозиба ҳеч қачон олийжаноб ва раҳмдил қалбнинг ўрнини боса олмайди.
Муқаддас Китоб шундай таълим беради:
Фазогир ўргимчак
Серқуёш ўтлоқзордаги ҳаёт бир маромда давом этарди. Тонг – оқшом билан, кун – тун билан алмашарди. Аммо Миттивойга ҳар бир кун кўплаб кутилмаган воқеаларни ва учрашувларни олиб келарди. У ҳамма ерга улгуришга, бирон қизиқ нарсани назардан четда қолдирмасликка интиларди.
Бир куни Миттивой дадасидан сўради:
— Нима учун бирданига ҳамма жойда бўла олмайман? Мен ҳамма нарсани кўриб, билган бўлардим!
— Ҳамма нарсани билишинг сенга нима учун керак? — дея дадаси кулиб сўради.
— Ўшанда мен донишмандларнинг донишманди бўлардим.
— Агар донишмандларнинг донишманди бўлганингда, нима қилган бўлардинг?
— Мен… мен шундай қилардимки, ҳеч ким ўзини бахтсиз ҳис қилмасди, — жиддий давоб берди тиллақўнғиз.
— Эҳ, Миттивойгинам! — деб кулди дадаси ўғлининг бошини меҳрибонлик билан силаб.— Ҳаммаси албатта шундай бўлишига мен заррача ҳам шубҳаланмайман. Қани, энди уч! Дўстларинг сени кутиб туришибди.
Миттивой қувноқ кайфиятда уйдан учиб чиқди-ю...ҳайрон бўлганидан жойида тўхтаб қолди. Атрофда ғалати нарсалар пайдо бўлган эди: ер устида одатдан ташқари, кумуш рангидаги ингичка иплар милтиллаб сузиб юрарди. Тиллақўнғиз уларга қараб, тушунди: улар кичик –кичик ўргимчак тўрлари эди! Улар шунчалик кўп эдики! Бу тўрлар бутун осмон бўйлаб тарқалиб кетгандай туюларди. Энг ажойиби шу эдики, тўрларда кичкина ўргимчаклар учиб юрардилар, ҳа, айнан
— А-а... Йиқиляпман! — кутилмаганда тиллақўнғизнинг тепасида кимнингдир овози эшитилди.
Кичкина ўргимчак йиртилган тўрни ямаш учун тўр бўйлаб югуриб юрганини Миттивой кўриб қолди. Эҳтимол, у тўри осилиб тушиб кетишининг олдини олишни ва учишни давом эттиришни жуда истаган бўлса керак. Аммо, афсус! Ўргимчак тўри роса ўртадан йиритилиб кетди, шабада энди уни, худди елкан сингари, тебрантирмай қўйди. Ўргимчак боласи пастга шиддат билан тушиб кета бошлади… Тиллақўнғиз Миттивой ҳам йиритилиб кетган ўргимчак тўрига томон жадал учиб борди. Охирги сонияларда у ўргимчак боласини ушлаб олишга муваффақ бўлди ва уни кўтариб олганча пастга томон бир текисда учиб туша бошлади.
Тахминан икки дақиқадан кейин бошни айлантирадиган бундай учишдан иккови жимиб қолди. Ўргимчак боласи қўрқув билан тиллақўнғизга қаради ва кўзларини бақрайтирди, кейин нигоҳини ўз тўрига қаратиб, ғамгин ҳолда хитоб қилди:
— Эҳ, менинг кемачам! Сенга нималаб бўлди-я! Сени қандай қилиб ямайман энди? О, қанчалар бечораман, бахтсизман!
— Йиғлама, ўргимчакча! — ҳамдардлик билдирди унга Миттивой. — Балки, сенга мен ёрдам берарман?
— Сен ҳавода тўр қурилишига оид бирон нарсани тушунасанми? – деб қизиқди у оёқчалари билан кўз ёшларини артар экан.
— Менми… йўқ, — бошини тебратди тиллақўнғиз. — Аммо менинг дўстларим сенга ёрдам беради. Ростданам, ростданам. Муҳими, руҳинг тушмасин. — Миттивой ўргимчакни битта оёғидан ушлади. — Хўш, кетдикми?
Улар ёрдам излаб жўнадилар. Шу яқин орада Кекса арининг думалоқ шарга ўхшаган уйчаси жойлашган эди. У уйида йўқ экан. Миттивойни учратиб қолган шохли қўнғиз, Кекса ари бобони бедазор яқинида кўрган эдим, деб айтиб қолди.
Шу пайтда ҳавода сон-саноқсиз ўргимчаклар учиб ўтиб қолди. Улар қуёш нурларида худди кумушдай ялтираб кўринардилар. Ўргимчак бошини кўтариб, уларга ғамгин нигоҳ ташлаганча кузатиб турарди.
— Хафа бўлма! — деб тасалли берди унга Миттивой. — Биз албаатта сенинг тўрингни тузатамиз, сен яна олға кетасан.
— Бўпти, аммо ҳамма яхши ерлар аллақачон банд бўлгандир, — чуқур нафас олди ўргимчак боласи. — Биласанми, бу йил биз – ўргимчак болалари жуда кўп туғилдик. Агар ҳаммамиз Жилвали ариқ ёнидаги уяда қолганимизда эди, оч қолишимизга тўғри келарди. Шабада ҳаммамизни ҳар томонга олиб кетяпти, ҳар биримиз ўзимизга янги уй топамиз.
— Янги уй… — такрорлади Миттивой. — Менга қара, ўша Жилвали ариқ узоқми? Мен бу ариқ ҳақида эшитмаган эканман.
— Мана, учинчи кундирки, мен ўша ердан учиб келяпман, - деб хўрсинди ўргимчак. — У ер шунақангги чиройлики! Мен бунақа чиройли жойни топа олмайман, деб қўрқаман.
— Тўғри, сенинг аҳволингни тушуниб турибман, — деди тиллақўнғиз. — Албатта, туғилган жойингдан чиройли жой йўқ аслида. Аммо сен ўзингга албатта янги уй топасан. Энг муҳими, ёнингда ҳақиқий дўстларинг бўлсин, ана шунда ҳаётинг ранг-баранг камалакка ўхшаган бўлади.
Улар гап билан овора бўлиб, бедазорга қандай етиб келганларини сезмай қолдилар.
— Эй, Миттивой! — деган овоз эшитилди юқори томондан. — Сен мабодо мени изламаяпсанми?
Пушти гуллар билан безанган бедазордан Кекса ари бобо бўй кўрсатди.
— Бобожон! — хурсанд бўлиб кетди тиллақўнғиз. — Ўргимчакча билан бизга сизнинг ёрдамингиз керак. Унинг учиб юрадиган тўри йиртилиб кетибди, уни тузатиш керак.
— Мени ўргимчак тўрини тузата олади, деб ўйлайсанми? — деб ҳайрон бўлди Кекса ари бобо.
У гул устидан тушиб, ўргимчак боласига ачиниш билан қаради.
— Албатта, тузата оласиз, — деди тиллақўнғиз. — Ахир, сиз жуда доносиз!
— Донолик – ҳамма нарсани билади дегани эмас, балки ўз билимларидан фойлалана олиш деганидир. Афсуски, мен ўргимчак тўрини тузата олмайман. — Кекса ари кўрдики, Миттивой билан ўргимчакча унинг сўзларидан умидсизликка тушдилар. У дарров иккаласига тасалли берди: — Аммо бу иш кимнинг қўлидан келишини мен биламан. Бундан ташқари, ўргимчакча, сенинг тўрингни албатта тузатиш
— Сиз ҳақиқатан шундай деб ҳисоблайсизми? — ҳай рон бўлди фазогир. У бир дақиқа ўйланиб турди, кейин Миттивой билан Кекса ари бобо дўстона оҳангда бошлари билан тасдиқладилар, бир қадам босиб, нафас чиқарди: — Ундай бўлса… ундай бўлса, мен шубҳасиз, сизлар билан қоламан.
— Ура! Ура! — хурсанд бўлиб кетди тиллақўнғиз. — Менинг яна битта янги дўстим пайдо бўлди! Фақат ўзингга уяни бизнинг уйимиз ёнида қургин. Ана шунда сен билан мен ҳар доим истаган пайтимизда ўйнай оламиз.
Миттивой янги дўстини Серқуёш ўтлоқзор аҳолисининг ҳаммаси билан таништириб чиқди. Ўргимчакча эси ўзини бу ерда аллақачондан бери яшаб келаётгандай ҳис қилди. Миттивой ўргимчакчанинг Жилвали ариқ ҳақидаги ҳикоясини асло унута олмасди. Унга шундай туюлардики, у албатта ана ўша ажойиб жойда бўлади. Саргузаштларга бўлган иштиёқ унга тинчлик бермасди. Ана шундай эди ҳар нарсага қизиқувчан тиллақўнғиз…
Бу воқеанинг қаҳрамони фазогир ўргимчакча муваффақиятсизлик деб қабул қилган воқеа охирида катта бахтиёрликка айланиб кетди. Азиз дўстим! Эҳтимол, сизнинг ҳаётингизда шунга ўхшаш воқеа юз бергандир. Биз Худога ишониб, ҳар биримиз тўғримизда У ғамхўрлик қилаётганини, бизнинг келажагимиз учун У жон куйдираётганини тушунсак, қанчалар яхши!
Муқаддас Китобда Худо бизга шундай дейди:
Муқова (Обложка)
Қадрли дўстлар! Бу китоб саҳифаларида сизларни ҳашоротлар оламига ажойиб саёҳат ва бу оламда истиқомат қилувчи ҳашоротлар билан учрашув кутмоқда. Китоб сизга кўп янгиликларни очиб беради. Зотан, муаллиф ўз қаҳрамонларини ўйлаб топиб, ҳашаротларнинг ҳаётидаги кўп далилларга асосланган. Шунингдек, мазкур китоб яқинларимизга, ўзимиз кўпинча сезмайдиган ва атрофимизни ўраб турган Худонинг кичкина ижодига эътиборли бўлишни ўргатади.