Макс Лукадонинг китоблари анчадан буён машҳур севимли китобга айланган. Бу муаллифни ёрқин индивидуал услуб, публицистик истеъдод, парадоксларга муҳаббат, ҳаётнинг ёқимсиз томонлари тўғрисида гапира олиш лаёқати ажратиб туради. У оддий ва ҳаммага маълум масиҳийлик ҳақиқатларини янги, ёрқин, кескин, янгича жарангдор қилиб тасвирлашда ноёб истеъдод соҳибидир. «Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар» китоби Жўшқин ҳафтага бағишланган. Нимага айнан унга? «Яқинлашиб келаётган ўлим асосий нарсани иккинчи даражали нарсадан ажратиб туради. Агар сиз Масиҳни билмоқчи бўлсангиз, У хочга тортилишидан олдинги охирги кунларга диққат билан назар солинг. Унга қараб туриб, ўзимиз бу йўлни босиб ўтишга лойиқлигимизни ўргана оламиз…
Макс Лукадо
ФАРИШТАЛАР ҲАМ СУКУТ САҚЛАГАН ЭДИЛАР
Хоч воқеалари
Китобни ўқишни бошлашингиздан олдин
Сўнгги ҳафтанинг боши. Жума куни ўйналадиган фожеавий саҳнанинг декорациялари ва актёрлар тайёр. Ҳаммалари ўз жойларида. Олти дюймли михлар қутида турибди. Хочнинг хариси омборхона деворига суяб қўйилган. Тўсиққа осиб қўйилган тиканли бута шохчалари қурияпти. «Аскар қўллари биздан гулчамбарлар ясайди», деб буталар кутиб турибди.
Актёрлар парда орқасидан саҳнага чиқиш учун тайёрланиб туришибди. Пилат Қуддусга Фисиҳ байрамини нишонлаш учун келган зиёратчилар оқимидан ташвишга тушган. Ханна билан Каяфани насролик одам тўғрисидаги миш-мишлар ташвишга соляпти. Яҳудо зимдан Устозга назар ташлайди. Юзбоши ҳам шу ерда, у навбатдаги хочга тортишни амалга оширишга тайёр турибди.
Актёрлар ва саҳна манзаралари… Аммо буларнинг ҳаммаси спектакл эмас, балки Худонинг режасидир. Одам Атонинг чеҳрасига ҳаёт нафаси уфуришидан олдин ҳам амалга ошиши мўлжалланган режа. Осмон сукутда. Ҳамманинг кўзи Насроликка қадалган.
Одатдаги кўриниш. Ғайриоддий мақсадга интилиш. У Ериходан чиқиб, Қуддусга йўл олади. У иккиланмайди, тўхтамайди. У йўлда. Бу сафар — Унинг сўнгги саёҳати.
|Ҳатто фаришталар ҳам сукут сақлардилар. Улар бу оддий сайр эмаслигини билардилар. Бу ҳафта бошқача эканлигини улар биладилар. Бу ҳафтада абадийликка эшик очилади.
Келинг, У билан бирга борамиз.
Келинг, Исо Масиҳ шу охирги кунларни қандай ўтказишига назар ташлайлик.
Келинг, буларнинг ҳаммасида Худо учун энг муҳим нарса нима эканини кўришга ҳаракат қилайлик.
Инсон ўз ҳаёти тугаб бораётганини билганда, энг муҳим нарса юзага чиқади. Яқинлашиб келаётган ўлим энг муҳим нарсани иккинчи даражали нарсадан ажратади. Энди энг муҳим нарсадан бошқасига эътибор бермаса ҳам бўлади. Энг муҳими қолади. Шундай экан, агар сиз Масиҳ ҳақида билмоқчи бўлсангиз, Унинг хочга тортилишидан олдинги кунларига яхшироқ қаранг.
У ўлими яқинлашиб келаётганини биларди. У Фисиҳ байрамидан олдинги жуманинг хотимасини биларди. Сўнгги боб ёзилмасдан олдин У ўқиб бўлган эди. Мусиқанинг сўнгги овозлари янграмасдан олдин, У ўша овозларни эшитди. Шу боис кундалик ташвишлардан У учун энг муҳим нарса ажралиб қолди. Таълимотдаги энг соф ҳақиқат. Ҳар бир ҳаракат режалаштирилган. Ҳар бир қадам ўйланган. Ҳар бир сўз тарозида тортилган. Шогирдлари билан ўтказадиган кунлар бор-йўғи бир ҳафта қолганини билиб, улар билан нима тўғрисида гаплашган экан? У Маъбадга бошқа келмаслигини билиб, нима қилди экан? Қум соатнинг охирги қум зарралари воронкадан тушаётганда, У ўзи учун нимани энг муҳим деб ҳисоблаган экан?[1]
Ушбу муқаддас ҳафтага шўнғинг ва кузатинг.
Қалбингизни унинг туйғулари билан тўлдиринг. Ана, у болаларнинг қўшиқларини тинглаб куляпти. Ўзини рад этган Қуддус учун йиғлаяпти. Ана, дин пешволарининг айбловларини эшитиб, мийғида куляпти. Шогирдлари ухлаётганларида, Исо ибодат қиляпти. Пилат Ундан юз ўгирганда, у учун қайғуряпти.
Унинг куч-қудратига яқинлашинг. Кўрмайдиган кўзлар… очилади. Мевасиз дарахт… қурийди. Пул айирбошловчилар югуриб қолишди. Дин пешволари… сесканиб кетадилар. Қабр очилади. Унинг ваъдасини эшитинг. Ўлим заиф. Гуноҳ энди асирларни ушлаб тура олмайди. Қўрқув энди инсон устидан ҳукмронлик қила олмайди, чунки Раббий келди, Раббий сизни уйга олиб кетиш учун сизнинг дунёнгизга келди…
Келинг, Масиҳ ортидан Унинг сўнгги саёҳатига йўл олайлик. Чунки Унга қараб қандай қилиб ўзимиз шу йўлдан муносиб равишда ўтишни ўрганамиз.
ЖУМА
1-боб
Хақиқат бўлиши учун жуда эрта, жуда кеч, жуда яхши
Беннинг оҳиста қадам ташлаши, шубҳасиз, фақат унинг нутқи эди. «Хў-ў-ў-ш, ма-а-а-н-а, йигитча»… У сўзларни шу даражада чўзиб айтардики, бунга чидаб бўлмас эди. Гаплари орасидаги паузалар худди бир ой сингари узоқ чўзилар эди. »Яна сен билан мен қолганга ўхшаймиз».
Унинг қордай оппоқ сочлари бейсбол шапкасининг тагидан чиқиб турарди. Елкалари туртиб чиққан, юзлари Техаснинг етмишта қиши шамолларида қорайиб, қотиб кетган.
Менинг кўз ўнгимда аниқ қолгани — унинг қошлари эди. Гуркираб ўсган чакалакзорга ўхшаш ва қаншарида бир-бирига туташган қошлари кўзлари билан баравар ҳаракат қилар, худди бароқ қуртлар каби эди. Одатда, у оёқлари остига қараб гапирарди. Шусиз ҳам бўйи паст Бен бу одати туфайли янада пакана кўринарди. Бен бирон муҳим гап айтмоқчи бўлганда, кўзларини юқорига кўтарар, сизга қалин қошлари остидан боқарди. У ўзининг нефт конларида ишлаш лаёқатини шубҳа остига қўйганларга шундай боқарди. Шунга қарамай, бундай одамлар анчагина эди.
Менинг Бен билан танишувимга отам сабаб бўлган эди. Отамнинг эътиқодича, мактаб таътили пайтида ўғил болалар яхши меҳнат қилишлари керак. Биз хоҳлаймизми, йўқми, бу Мавлуд куними, ёзги таътилми ёки Шукроналик куними — бундан қатъий назар, отам бизни тонг саҳарда уйғотарди. Кейин маҳаллий нефт компанияларига ёрдамчи ишчи қилиб ёллаш билан шуғулланадиган биржаларга бизни олиб борарди.
Нефт саноатида кўтарилиш ва пасайиш тез-тез юз бериб турарди. Агар сиз компания ишчиси бўлмасангиз ёки тузилган бригада таркибига кирмаган бўлсангиз, сизни ишга олишларига мутлақо ишонч йўқ эди. Иш топиш умидида бўлганлар босс ишга келишидан анча олдин шу ерда пайдо бўлиб турардилар. Аммо сиз биринчи бўлиб келдингизми ёки охирида келдингизми — бунинг аҳамияти йўқ: ишга олишларида фақат куч ва тажриба муҳим эди.
Мана шундай вазиятда Бен билан мен жуда ёмон аҳволда қолардик. Мен бақувват эдиму аммо тажриба умуман йўқ эди. Беннинг қўллари узоқ вақт ишлайверганидан қавариб кетганди, аммо илгаригидан кучли эмасди. Агарда ишчиларнинг етишмаслиги сабаб бўлиб биз сингариларни ишга олишга хўжайинлар мажбур бўлмаганларида эди, Бен билан мен ишсиз қолган бўлардик.
Ўша кунлар бир-бирига шунчалар ўхшар эдики, мана, орадан йигирма йил ўтса ҳамки ҳеч қандай қийинчиликсиз ўш кунларни бутун тафсилотлари билан эслай оламан. Шамол эсиб турган тонгни, зулматни ва қулоқларимдан чимчилаётган совуқни яхши эслайман. Ишчилар йиғиладиган омборнинг оғир темир эшигини, совуқ муз билан қопланган эшик тутқичи қанақа бўлганини эслайман. Мен печка ёнида ўтирган Беннинг овозини эшитяпман. У аллақачон печкага олов ёқиб улгурган: «Эшикни ёп, йигитча. Ҳали исиб улгурмасдан совиб кетади». Шунда мен, омбор қоронғу бўлгани учун, печканинг тилларанг олови томон юрардим. Оловга яқин келиб, орқамни ўгирганимча, Бенга қарардим. У икки юз литрлик бочка устига ўтириб олиб чекарди. Оёқларига ишчилар ботинкасини кийиб олган, оёғи полга бир ярим қаричча етмас, пальтосининг ёқаси эса кўтарилган бўлиб бўйнини ёпиб турарди. «Ҳм, бугун бизга иш беришса ёмон бўлмасди. Ёмон бўлмасди».
Аста-секин бошқа ишчилар ҳам йиғилишиб кела бошлашди. Ҳар бир одамнинг келгани — Бен билан менинг иш топиш имкониятимизни камайтиради, дегани эди. Тез орада омбор тутунга, беадаб латифаларга, шундай қаттиқ совуқда ишлашга мажбур бўлганлари учун нолиётган ишчиларнинг овозларига тўлиб кетарди.
Бен одатда, бу сингари суҳбатларга қўшилмасди.
Орадан бир оз вақт ўтиб бригадир келарди. Бу кулгили туюлиши мумкин, аммо у рўйхатни ўқий бошлаганда, мен ҳатто асабийлаша бошлардим. Бригадир худди армия сержантининг овози каби овоз билан кимни ишга танлаб олишини бақириб айтарди. «Электр подстанциясига — уч киши» ёки «Жанубий секторда қувурларни тозалашга — саккиз киши». Шундан сўнг у бутун рўйхатни ўқирди: «Бак, Том, бахтли Жек — мен билан борасизлар».
Сизни танлагани учун ўзингизни бахтиёр ҳис қиласиз. Чунки сизни бошқалардан ажратиб олиб, устун қўйди, гарчи сизни бор-йўғи қувур ётқизиш учун чуқур қазишга ёллаган бўлса ҳам. Ишга ёллаганлари қанчалар шарафли бўлса, танловдан ўтмаслик шунчалар шармандали эди. Яна ва яна.
Нефтчиларнинг табақа тизимида кундалик ёлланма ишчидан кейин турадигани фақат ишсиз одам эди. Агар пайвандчи бўлмасангиз, унда бурғулаш вишкасида тер тўкишингиз мумкин. Вишкада бўлмаса, нефт қудуқларида хизмат қилишингиз мумкин. Ниҳоят, бу ҳам қўлингиздан келмаса, ёрдамчи ишларга оладилар. Агарда ёрдамчи ишларга ҳам уқувингиз бўлмаса…
Кўпинча, Бен билан мени ҳатто ёрдамчи ҳам қилиб олишмасди. Йиғилганлар орасидан танлаб олинганлар рўйхатига тушмай қолганлар бир оз олов олдида ўтириб, бугун ишга чиқишга оёқлари тортмаганини гапириб, нолиганларича аста-секин тарқалишарди. Печка олдида Бен икковимиз қолардик, холос. Чунки борадиган жойимиз йўқ эди. Бундан ташқари, бирон иш тўғри келиб қолиши мумкин, деган умид ҳам йўқ эмасди. Шу тариқа биз кутаверардик.
Ана шунда Бен гап бошларди. Ёлғон билан чинни аралаштириб, у «сеҳрли ток» ва хачир ёрдамида нефт конларини қандай қидириш ҳақида ҳикоя қиларди. Эрта тонг кунга уланиб кетарди. Биз эса ҳамон эски ғилдираклар, бўёқ қутилари устида ўтирардик ва Бен хотираларининг чангли йўллари бўйлаб саёҳат қилардик.
Биз ғайриоддий дўстлар эдик. Кўп нарсаларда биз бир-биримиздан тубдан фарқ қилардик. Ўшанда мен энди ўн беш ёшга киргандим. Бен эса етмишинчи қишни қарши олаётган эди. Мен тажрибасиз, энг яхши кунларим ҳали олдинда, деб ишонардим. Бен эса умрида жуда кўп нарсаларни кўрган, ўтмиш ғалабалари ҳақидаги хотиралар билан яшарди.
Ёшимиздаги катта фарққа қарамай, биз дўстлашиб қолдик. Ахир, иккаламиз ҳам энг оддий ишсизлар эдик. Бизни омадсизликлар яқинлаштирган эди. Бизни «жуда эрта ва жуда кеч» деб аташ мумкин эди.
Мен нима ҳақида гапираётганимни тушуняпсизми? Эҳтимол, сиз ҳам шундайлардансиз.
Шерри ҳам шундай. Ўн икки йиллик никоҳ ва уч бола кўрганларидан кейин унинг эри ёшроқ хотин топиб олди. Шерри бир ўзи қолди.
Жаноб Робинсон ҳам худди шундай воқеаларни бошидан кечирган. У ўттиз йил давомида бир компания учун меҳнат қилиб, компанияни юксакка кўтарди. Илгариги президент нафақага чиққанда, менинг шу лавозимга ўтиришим шунчаки вақт масаласи, деб ўйларди. Аммо директорлар кенгашининг бу тўғрида ўз фикри бор эди. Уларга ёш одам керак эди. Робинсон эса бу пайтда ёш эмасди. Шунинг учун бошқа одам президент бўлди.
Мануэл ҳам сизга худди шу тўғрида ҳикоя қилиб бериши мумкин. Агар қўлидан келса, албатта, айтиб берган бўларди. Рио-Гранде водийсида отасиз ўсаётган тўққизта боланинг бири бўлиш осон эмас. Аммо Мануэлга янада қийинроқ эди. У гунг эди. Агарда яқин ўртада шундай болаларга мосланган мактаб бўлса ҳам, мактабда ўқиш учун унинг пули йўқ эди.
Иши ўнгидан келмайдиган омадсиз.
Кичкина одам.
Ижтимоий томондан мослашмаган.
Келажаги йўқ одам.
Бу вазиятни қайси сўзлар билан айтмайлик, мазмун-моҳияти ўша-ўша. Агар ҳар доим ўзингизнинг ҳеч нарсага лаёқатсизлигингиз, ҳеч кимга кераксизлигингиз ҳақида эшитаверсангиз, бир кун келиб ўзингиз ҳам бунга ишона бошлайсиз. Ўзингизни айни ўша: «Жуда эрта ва жуда кеч» эканлигингизга ишона бошлайсиз.
Агар бу гапларим сизга ҳам тегишли бўлса, унда бу китобим қўлингизга жуда вақтида тушибди. Биласизми, Худо мана шундай ташлаб кетилганларга ва унутиб қолдирилганларга алоҳида ғамхўрлик қилади. Буни ҳеч сезганмисиз? Мохов билан касалланган одамнинг чириётган терисига Унинг қўллари тегяпти. Унинг қўлларига қаранг. Унинг кафтларига юзларини босиб яшириб олган фоҳишага қаранг. Қон кетишидан азоб чеккан аёл Унинг этагига қўлини теккизганда, У нима қилганини эсланг.
Пакана Заккайнинг елкасига У қўлини қандай қўйганига эътибор беринг.
Биз буларни тушунишга қодирлигимиздан Раббий умид қилади ва бир нарсани бизга такрорлайди: У ҳайдалганларга, қувилганларга ғоят ғамхўрлик қилади. Жамият кераксиз деб сувга улоқтирганларни У қутқариб олади ва Ўз кемасига ўтқазади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Исо узумзор хўжайини қандай қилиб ишчилар танлагани ҳакидаги ҳикояни айтиб беради. У ҳаётининг сўнгги ҳафтасида биринчи марта шу ҳикояни айтган эди. Бу — Унинг Қуддусга киришидан олдин айтилган сўнгги ҳикоят эди.
У шаҳарга кириши биланоқ, Унинг келганидан дарров хабардор бўлишади. Ҳисоб тескарисига айлана бошлайди. Тартибсизлик бошланади.
Аммо бу ҳали Қуддус эмас. У Ўзининг рақиблари билан гаплашмаяпти. У ҳали ҳам Ерихо атрофларида дўстлари даврасида юрибди. Айнан уларга У Худонинг марҳамати ҳақидаги ҳикояни сўзлаб беради.
Бир заминдорга ишчилар керак бўлиб қолибди. Эрталаб соат олтида у бригадани ёллайди, улар иш ҳақи ҳақида келишиб олишади ва ишга жўнашади. Соат тўққизда у яна ишга жойлаштириш бюросига келади ва яна бир гуруҳ ишчиларни ёллайди. Туш пайтида ҳам, соат учда ҳам худди шу воқеа такрорланади. Соат бешда… Эҳтимол, сиз энди воқеани тушуниб олгандирсиз: заминдор яна келади.
Бу воқеанинг негизи шундаки, ўн икки соат меҳнат қилган ишчилар билдиларки, бошқалар ҳам худди шундай иш ҳақи олибдилар. Буни биладилару жаҳллари чиқиб кетади. Бунда чуқур маъно яширинган, аммо биз буни бошқа китоб учун қолдирамиз.
Ҳозир мен сизнинг эътиборингизни бошқа бир нарсага қаратмоқчиман: бу жиҳатини кўпинча одамлар эсдан чиқариб қўядилар. Бу — ишчиларнинг танланишидир. Бу танлов қандай юз берганига эътибор бердингизми? Бу соат тўққизда, ўн иккида, соат учда содир бўлди. Аммо энг таъсирлиси шуки, бу воқеа соат бешда яна такрорланди.
Куннинг иккинчи ярмида — соат бешда… бу вақтда қайси ишчи ишсиз қолади. Энг яхши ишчилар аллақачон ишли бўлиб кетган. Бир оз уқувсизроқларини соат ўн иккида ишга ёллашди. Соат учда охирги бригада йиғилди. Соат бешда ҳам иш топа олмаган одамларни қандай одамлар деб айтиш мумкин?! Улар кун бўйи ҳеч кимга керак бўлмади. Уларни ўз ишининг устаси деб бўлмайди. Улар ҳеч қаерда ўқишмаган, маълумотлари йўқ. Улар ижтимоий зинапоянинг энг пастки пиллапоясидан бир амаллаб ушлаб туришибди. Улар хўжайин берадиган мурувватга батамом тобедирлар.
Ростини айтганда, биз ҳам худди шундай аҳволда эдик. Агар биз ғурурланиб кетмасак, бурнимиз кўтарилиб кетмаса, унда ҳаворий Павлуснинг маслаҳатига амал қилган бўламиз ва Раббий бизга даъват қилганда, қандай бўлганимизни эслаймиз[2]. Сиз буни эслайсизми? Кимдир эпчил, чаққон, аммо худди қўғирчоқники каби қалби бўш эди. Бошқалар умидсизликларини яширишга уринмасдилар. Биз уни ичиб юборган эдик. У бизнинг жисмимизга сингиб кетган эди. Биз эса уни тўкардик. Биз ҳатто умидсизлигимизни сотардик. Ҳаёт янги таассуротлар ортидан қувишдан иборат эди. Биз ўзимизни чуқур ва қоронғу ғор тубида кутаётган, аммо бўм-бўш сандиқ бўлиб чиққан хазина ортидан қувардик.
Эсингиздами, буни англаганингизда ўзингизни қандай ҳис қилган эдингиз? Пешонангизда пайдо бўлган терни, юрагингизни ларзага солган оғриқни эслай оласизми? Ёлғизлигингизни яширишга ҳаракат қилганингиз, бу эса ўзингиздан катта бўлиб кетгунга қадар яшариб юрганингиз эсингиздами? Ўшанда ягона мақсадингиз тирик қолиш бўлган эди.
Бир дақиқа шу манзара устида бош қотириб, кейин жавоб беринг: нега у сизни танлади экан? Нимага У мени танлади экан? Ўзингиз ростини айтинг: Нега шундай бўлди? Унда йўқ бўлган нима сизда бор? Сизнинг ақл-заковатингизми? Наҳотки бизда чиндан ҳам Унга янгилик бўлиб туюладиган фикрларимиз бор ёки қачондир бўлади деб ўйлаймиз? Ирода кучими? Мен ирода кучини ҳурмат қиламан. Ҳақиқатан ҳам, шу бизнинг вазифамиз деб ҳисобласак, баъзиларнинг қайсарлиги сувга боришга етади. Аммо биз мақсадимизга интилишимизсиз Худо Шоҳлиги вайрон бўлади, деб ўйламаймиз-ку! Пул-чи? Биз Худо Шоҳлигига келганимизда, эҳтимол, қора кунларимиз учун асраб қўйган маълум миқдорда пулимиз бўлгандир? Эҳтимол, айнан шу сабабдан У бизни танлагандир? Балки осмону ернинг Яратувчиси қийин аҳволга тушиб қолиб, Унга нақд пул керак бўлиб қолгандир? Эҳтимол, барча тирик жонзотга ҳаёт бахш этувчи, ҳар бир одам устидан ҳукмрон бўлган, дунё тарихининг Яратувчиси қашшоқлашиб қолгандир? Шунда биз ўз фоиз маблағларимиз билан пайдо бўлдик ва У бизнинг маблағимиздан фойдаланишга қарор қилгандир?
Етар энди? Соат бешда ишчилар нима сабабдан танланган бўлсалар, биз ҳам шу сабабга кўра танланган эдик. Соат бешдаги ишчилар сиз билан менман.
Мана, тўсиқ ёнида сотиб олишга пулимиз бўлмаса ҳам, сигарета чекяпмиз, ҳеч қачон ўзимиз сотиб олишга қодир бўлмаган пиво учун қимор ўйнаяпмиз. Ишсиз ва келажаги йўқ Гастарбайтерлар. Сенинг билагингга сурати ўйилган қизнинг исми Бетти. Менинг қўлимдагисининг эса исми йўқ, аммо мен тирсагимни букканимда, у сонларини титратади. Балки, биз аллақачон умидимизни узиб, ишчиларни тушликка чорлайдиган бонгдан сўнг уйларимизга тарқалишимиз керакдир. Аммо биз учун уй бўлиб ягона хонадан иборат вагон хизмат қилади. У ерда эса бизни ҳар куни бир хил: «Хўш, бугун нима бўлди — иш топдингми?» деган савол билан хотинларимиз кутиб олади.
Биз кутаверамиз. «Жуда эрта ва жуда кеч». Исо-чи? Исо — ҳов анови тоғ ён бағрида кўриниб турган далаларнинг эгаси, қора машинада келган одамдир. У бизни чанг-тўзонда қолдириб, йўлдан ўтиб кетаётганда, бизни кўриб қолди. Шунда у машинасини тўхтатиб, орқага ҳайдади ва биз турган жойга қайтиб келди.
Бугун кечқурун чўнтагингдаги муллажирингларни жиринглатиб, озиқ-овқат сотиб олишга дўконга борганингда, у ҳақда хотинингга айтиб берсан. «Илгари биз ҳеч қачон бу йигит билан учрашмаганмиз. У машинасини тўхтатиб, ойнасини туширди ва биздан, ишлашни хоҳлайсизларми, деб сўради. Кун анча кеч бўлиб қолган эди. Иш куни тугаб борарди. Аммо у бизга сира ҳам эртага қолдириб бўлмайдиган иш борлигини айтди. Қасам ичаман, Марта, мен бир соатгина ишладим, аммо кун бўйи ишлагандай ҳақ олдим!»
«…Йўқ, мен унинг исмини билмайман».
«…Албатта, мен билиб оламан. Одам ишонгинг келмайди — у одам қилган иш олийжаноблик! Бунинг ҳақиқатлигига ишонгинг ҳам келмайди».
Нима сабабдан У сизни танлади? У шуни истади. Шунга қарамай, сиз шундай ҳам Уникисиз. У сизни яратди. У сизни уйига олиб келди. Сиз — Унинг мулкисиз.
Бир куни У сизнинг елкангизга қоқиб, бу ҳақда эслатиб қўйди. Қанча кутганингиз ёки қанча вақтингиз бекор кетгани муҳим эмас. Сиз Уникисиз ва Уникида доимо сиз учун жой бор.
— Ҳой йигитлар! Сизлар ҳозир пул ишлашни хоҳлайсизларми?
Бен бочка устидан сакраб тушди ва иккаламиз учун ҳам жавоб берди:
— Албатта, жаноб.
— Нарсаларингизни олиб, машинага чиқинглар.
Бизни шошириш керак эмас эди. Мен тушлигимни аллақачон еб бўлган эдим. Аммо тушлик олиб келган қутини ҳам олдим. Биз кузовга сакраб чиқдик ва кабинага орқамизни бериб ўтирдик.
Қария Бен сигаретасини олиб, кафтлари орасида гугуртни шамолдан пана қилиб тутатди. Машина мотори ўт олиб, ўрнидан қўзғалганда, у гап бошлади. Ўшандан бери йигирма йил ўтган бўлса-да, унинг қалин қошлари тагидаги кўзлари қандай ёнганини ҳозиргидай аниқ эслайман.
— Сени танлаганлари қандай яхши-а, йигит.
— Ҳа, Бен, тўғри, албатта тўғри.
2-боб
Ерихондан Қуддусга
Александр Борисов ота ўзининг тирик қайтишига умид қилмасди. Москвани чулғаб олган зимистон тун хотиржамлик ва бехавотирлик туйғусини уйғотмасди. Лекин у: «Милиция менинг тилларанг ҳошияли қора диний либосимдан ҳайиқса керак», деб умид қиларди. Аммо шундай бўлишига унча ишонч йўқ эди. Москва қуршовда эди. Айиқ қишки уйқудан уйғонган, оч эди. Худди илгаригидай, одамларни яна озодликдан маҳрум қилмоқчи эди.
Аммо Александр ота муқаррар бўлиб туюлган нарсага қарши чиқишга журъат этди. 1991 йилнинг 20 августида у шу воқеалардан бир йил олдин ташкил қилинган Совет Иттифоқи Библия жамиятининг бир неча аъзолари билан танклар оралаб юрарди. У ёнида Янги Аҳд китобларини олиб юрган эди. Агар танкчилар у билан шахсан таплашишдан бош тортсалар, руҳоний танк тагига кириб, аскарларга кузатишлар тирқиши орқали китоб берарди.
— Чўнтагида Янги Аҳд бўлган аскар ўзининг ака ва опаларига ўқ узмаслигига мен ишонардим, — деган эди кейинчалик руҳоний.
Ёмон эмас. Қўлда ўлим олиб келувчи қурол эмас, ўз юрагида Худо сўзини сақлаб жанг қилган яхшироқ.
Аммо Москвада бўлиб ўтган ҳодиса бу ҳақиқатни исботловчи биринчи воқеа эмас. Кимдир юрагида Худо ҳақиқатини асраб жанг қилишини кўриш учун Россияга бориши шарт эмас. Ахборот агентликларининг хабарларини ўқиш ёки телевизорда янгиликлар кўриш шарт эмас. Бунинг ўрнига, Муқаддас Ёзувни очиб, илгари ҳеч қачон кўрмаган парчага эътиборингизни қаратинг.
Ҳақиқатан, уни сезмаслигингиз табиий. Бор-йўғи учта оят. Қирқ олтита сўз. Бу сўзларда ҳеч қандай алоҳида драматизм йўқ. Улар оддий ҳарфлар билан ёзилган. Бу сўзларнинг кўзга ташланиб турадиган лавҳаси йўқ. Умуман, бу сўзлар шунчалар оддий бўлиб туюладики, китобхон уларни фақат воқеликни бир-бирига боғлаб туради, деб ҳисоблаб эътибор бермаслиги мумкин. Аммо бу сўзларга эътибор бермаслик — узоқ вақт топаман деб умид қилган олмосни топмасдан кондаги ишни ташлаб кетиш билан баробардир.
Бор-йўғи шугина воқеа. Бу воқеа Лазарнинг ўликдан тирилиши каби ёрқин эмас. Беш мингта одамни тўйдирган воқеа каби машҳур эмас. Байтлаҳм оғилхонасида содир бўлган воқеа каби ажойиб эмас. Бу — бўронни жиловлаш ҳам эмас. Бу — Муқаддас Ёзувнинг оддий, «сокин» дақиқаларидан биридир. Аммо алданиб қолманг, чунки шу онда фаришталардан ҳеч бири овозини кўтаришга ва қўшиқ куйлашга журъат қилмади.
Битта йўл, тахминан ўн тўрт мил. Хавфли дара орқали ярим кунлик йўл. Аммо эътиборимиз йўлга қадалган бўлмаслиги лозим. Бу — ўша даврнинг кўплаб чанг йўлларидан бири, холос. Йўқ, йўлнинг ўзига эмас, балки унинг қаерга олиб боришига ва йўлдан бораётган Ўша Зотга эътиборингизни қаратинг.
У шогирдларидан олдинда боряпти. Бошқа бирон жойда биз Исонинг олдинда бораётганини кўрмаймиз. Тоғдаги ваъзини айтиб, тоғдан тушаётганда ҳам, Кафарнаҳумни ташлаб чиқаётганда ҳам, Наинга кираётганда ҳам У одамларнинг олдида юришдан кўра, уларнинг қуршовида бўлишни афзал кўрарди.
Одатда, аммо ҳозир эмас. Хушхабарчи Марк бизга, Исо ўшанда шогирдларининг олдида борган, дейди[3]. Бир ўзи. Жангга кираётган ёш жангчи.
Агар инсоннинг қалбидагини билмоқчи бўлсангиз, унинг ҳаётининг сўнгги кунларига эътиборингизни қаратинг.
Мен айни шу бобни ёзаётганимда, ёш Мэтью Хоффман воқеасига дуч келдим. У олти ёшда эди. Унинг ота-онаси Бразилияда — Сальвадорда хизматларини ўтаётган миссионерлар эдилар. Бир куни эрталаб Мэтьюнинг истимаси чиқа бошлади. Унинг ҳарорати ҳаддан ортиқ кўтарилиб, кўриш қобилияти ёмонлаша бошлади. Ота-онаси дарҳол уни касалхонага олиб боришди.
Улар машинада кетаётганларида, Мэтью онасининг тиззасида ётиб, шундай бир иш қилдики, ота-она буни ҳеч қачон эсдан чиқармайди. Мэтью қўлларини олдинга узатди. Онаси ўғлининг қўлини қўлларини орасида олди. Аммо Мэтью қўлларини тортиб олди ва олдинда турган нимагадир узатди. Онаси яна унинг қўлини ушлашга ҳаракат қилди, аммо бола олдинга интилишда давом қиларди. Ҳайрон қолган она ўғлидан сўради: «Мэтью, сен қаёққа қўлингни чўзяпсан?»
«Мен Исонинг қўлидан ушламоқчиман», деб жавоб берди бола. Шундан сўнг у кўзларини юмди ва ҳушидан кетди. У қайтиб кўзини очмади. Икки кундан кейин бола минингит хасталигидан вафот этди.
Мэтью қисқагина ҳаётида кўп нарсани кўрмади. Аммо энг асосий нарсани — жон бераётганда Кимни ахтаришни ўрганди.
Одам ўз ўлимини қандай қарши олишига қараб у тўғрисида кўп нарсалар айтиш мумкин. Сиз Жим Бонхэм ҳақида биласизми?
Аламо шаҳрининг барча қаҳрамонлари орасида энг машҳури Жанубий Каролина штатидан ёш адвокат Жеймс Бонхэм бўлса керак. У Техасда бор-йўғи уч ойгина бўлди, холос. Аммо у озодликни бутун қалби билан севгани учун бошқача йўл тута олмади. Ўз озодлиги ва мустақиллиги учун курашга отланган техасликлар билан у ҳам бирга жўнаб кетди. У Аломода — Гуадалупа дарёси бўйида жойлашган кичик шаҳарчада хизмат қилишни ихтиёр этди. Мексика армияси бу ерда бостириб келиб, кичик қалъа жангга таёргарлик кўра бошлаганда, Бонхэм душман тўсиқларини ёриб ўтиб, шарққа — Голиадга қараб отда йўлга чиқди.
Жеймс Миченер ўзининг «Техас» китобида Бонхэм ёрдам сўраганда нималар деганини ифодалашга ҳаракат қилади: «У ерда атиги бир юз эллик одам бор. Санта Аннада[4] эса ҳозирнинг ўзида икки мингтача одами бор. Унга яна ёрдам келяпти…Қўлига қурол ушлай оладиган Техаснинг ҳар бир эркаги иложи борича тезроқ Аламога бориши керак. Биз ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашимиз керак. Бизга ёрдам беринг! Зудлик билан жангга киришиш керак!…»
Аммо Бонхэмнинг илтимос жавобсиз қолди. Полковник Бонхэмга, бу ҳақда ўйлаб кўраман, деб айтди. Ёш йигит бунинг нимани англатишини тушуниб етди. Аммо у ғазабини яшириб, отга қамчи урди-да, Викторияга жўнади.
Миченер шундан кейин Бонхэм билан ёшгина бола ўртасида содир бўлган суҳбатни келтиради:
— Энди сен қаерга борасан? — сўради бола.
— Аламога, — ўйлаб ўтирмай жавоб қилди Бонхэм.
— Сен у ерга бир ўзинг борасанми?
— Ахир, мен у ердан ҳамроҳларимсиз келдим-ку.
Бонхэм кетгандан сўнг бола отасидан сўради:
— Агар аҳвол шунчалик ёмон бўлса, нега яна у ўша ёққа кетди?
— У бундан бошқача иш қила олади, деб ўйламайман, — жавоб қилди отаси[5].
Ушбу гаплар ҳақиқатан бўлиб ўтганми ёки йўқми — номаълум. Аммо биз Бонхэмнинг жангда қатнашиш учун Аламога қайтиб келганини ва бу жанг у учун охиргиси бўлишини ўзи ҳам билганини англаб етамиз.
Исо ҳам худди шундай қилди. У сўнгги саёҳатининг мақсади ҳақида билиб, шогирдларини тўхтатди ва уларга — бу гапи шогирдлари билан бирга ўтказган вақт давомида учинчиси эди — душманлари билан охирги учрашув тўғрисида гапирди: «Мана, биз Қуддусга кетяпмиз, Инсон Ўғли олий руҳонийларнинг ва тафсирчиларнинг қўлига тутиб берилади. Улар Инсон Ўғлини ўлимга ҳукм қиладилар.
Инсон Ўғлини масхара қилсинлар, қамчиласинлар, хочга михласинлар, деб мажусийларга топширадилар. Учинчи куни эса Инсон Ўғли ўликдан тирилади»[6].
Эътибор беринг: бўлиб ўтадиган ҳодисанинг майда-чуйда тафсилотларигача Унга маълум. У буни ким амалга ошириши тўғрисида ҳам сўзлайди: «олийруҳонийлар ва тафсирчилар». Исо уларнинг нима қилишлари ҳақида ҳам сўз юритади: «Уни бутпарастларга ҳақоратлашга, савалашга ва хочга тортишга берадилар». У айнан қачон қайта тирилиши ҳақида сўзлайди: «учинчи куни».
Исо қопқонга тушди, деб ўйламаслик керак. «У хато қилди» деб ишонтирмоқчи бўлганларнинг фикрларини бутунлай эсдан чиқаринг. Хоч ҳалок бўлаётган ҳаракатни қайта тиклаш учун энг сўнгги, умидсиз уриниш бўлганлиги ҳақидаги беҳуда гапларни қўйинг.
Агар Исонинг сўзларида мазмун бўлса, у шундан иборатки, Масиҳ ўлимга… онгли равишда борган! Исо учун бу кутилмаган иш бўлмаган. У иккиланмади, шубҳаланмади.
Одам ўлимни қандай кутиб олишига қараб у ҳақда жуда кўп нарса айтиш мумкин. Масиҳ ўз ўлими қаршисига қандай борганлиги бизда шубҳа учун асос қолдирмайди. У ер юзига айнан шу учун келган. Ҳаворий Павлус Масиҳ ҳақида сўзлар экан, яҳудийлар Уни қонунга хилоф ҳаракатлари ёрдамида хочга тортиб ўлдирдилар, дейди. Аммо ҳақиқатда Худонинг сўзи тасвирланаётган воқеалар юз беришидан анча илгари буни белгилаб қўйган[7].
Йўқ, Масиҳ Қуддусга борар экан, йўлда Ерихонда тўхтамади, Жалилада ҳам, Насрода ҳам, ҳатто Байтлаҳмда ҳам тушмади.
Хочга элтадиган йўл анча илгари бошланган эди. Адан боғида тишланган мева ерга тушиб улгурмади. Масиҳ эса Гўлгўтага олиб борадиган йўлга жўнади.
Худди Александр Борисов ота қўлида Худонинг сўзи билан жангга боргани каби, Масиҳ ҳам қалбида Худонинг ваъдасини асраб, Қуддусга борди. Худо-одам Исо Масиҳ дўзаху жаҳаннамларни таг-заминигача ларзага келтирган сўзни айтди: «…ва учинчи куни тирилади».
Йўлимиз сўнгида Қуддус кўриняптими? Эҳтимол, тез орада сизнинг дилингизни оғритадиган воқеалар ёки учрашувлар юз берар. Ҳаёт йўлининг қайси бурилишида юрагингиз чил-чил парчаланар экан?
Раббингиздан ўрганинг. Олдиндан Худонинг ваъдалари билан мустаҳкамланмасдан туриб, душман билан жангга кирманг. Ижозат беринг, бунга бир неча мисол келтирай.
Эҳтимол, сиз ўзингизни йўқотиб қўйгандирсиз, нима бўлаётганини тушунмаётгандирсиз? «Сизлар учун тузган режаларимни аниқ биламан. Ушбу режаларим сизларга ёмонлик эмас, яхшилик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради»[8].
Ёки ўтмишингиз сизга тинчлик бермаяптими? «Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир».
Балки сиз «Худо қани?» деб ўйлаётгандирсиз? »Худойингиз — Эгамизнинг Ўзи сизлар билан боради, сизларни ташлаб кетмайди, сизларни тарк этмайди»[9].
Худо сизга ўхшаган одамни сева олмайдигандай туюляптими ўзингизга? «Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин-ажиналар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас»[10].
Сиз яна бир марта Қуддус йўлидан бораётганингизни билиб қолсангиз, Худонинг ваъдалари билан қуролланинг, уларни тилингиздан қўйманг. Шаҳрингиз устида зулмат қуюқлашганда, Александр отада бўлган ишонч тўғрисида ўйланг.
Москвадаги Муқаддас Китоб жамиятининг хизматчилари ўша кунларда ўзлари Каломни ҳадя қилган бир аскар йигитни узоқ вақтлар унутмайдилар. Бу воқеа 1991 йилнинг 20 августида эрта тонгда юз берган эди. Бу пайтга келиб ҳарбийларга тарқатилган чўнтакбоп Янги Аҳд китоблари аллақачон тамом бўлган эди. Шу боис бу аскарга Болалар Муқаддас Китоби — рангли суратлар билан безатилган каттагина китоб бердилар. Йигит билардики, агар бу китобни асраб қолиши учун бошлиқларидан беркитиши керак эди. Унинг аскарлик формасида фақат Болалар Муқаддас Китоби сиғадиган анча каттагина битта чўнтаги бор эди. Аскар бир зум ўйлаб турди-да, формаси чўнтагидан ўқдонни чиқариб, ўрнида Муқаддас Китобни солиб қўйди. Бир оздан сўнг у баррикадага ўқ-дорилар ўрнига, чўнтагида Муқаддас Китоб билан чиқди.
Қуддусга қалбида эҳтиёткорлик билан асралган Худо сўзи билан бориш — жуда ақлли иш. Александр Борисов шундай деб ҳисобларди. Мэтью Хоффман шундай деб ўйларди. Агар сиз ҳам шундай қилсангиз, заковатингизни намоён қилган бўласиз.
3-боб
Ўзини қурбон қилган генерал
Қарор қабул қилинган эди. Жангчилар командани кутишар, жанговар кемалар ҳам келиши керак эди. Деярли у миллион аскар Гитлернинг Франция чегаралари бўйлар чўзилган «Атлантика қалқони»ни тешиб ўтишга тайёрланишарди. Чегарага тушадиган кун келди. Ушбу жанговар операцияни ўтказиш учун бутун жавобгарлик тўрт юлдузли генерал Дукайт Д. Эйзенхауэрнинг зиммасига тушган эди.
Жанг бошланишидан олдинги тунда генерал Ҳарбий ҳаво кучларининг 101-полки истеҳкомларига «Қичқираётган бургут»ларни олиб ўтди. Учувчилар ва механиклар ўз машиналарини учишга тайёрлаётганларида, Айк (Эйзенхауэрни шундай деб айтишарди) у аскарларнинг ҳар бирини қўллаб-қувватлаш ва руҳини кўтариш учун уларнинг олдиларига келди. Учувчиларнинг аксарияти ёш жиҳатдан унинг ўғли билан тенг эдилар. Эйзенхауэр улар билан худди ўз ўғлидай муомала қиларди. Ўша жойда бўлган журналист, Эйзенхауэр учиш майдончасидан осмонга кўтарилаётган, қоронғу тунда кўздан йўқолаётган С 47 ларни кузатаётганда қўллари чўнтакда, кўзлари ёшга тўла эди, деб ёзади. Эйзенхауэр штабга келиб, стол ёнига ўтирди. Кейин қоғоз ва ручка олиб, агар мағлубиятга учрагудек бўлса, Оқ уйга жўнатилиши керак бўлган хатни ёзди. Хат жуда қисқа, аммо мардона ёзилган эди. «Бизнинг ҳужумимиз мағлубият билан тугади…аскарлар, ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз кучлари қўлларидан келганча мардлик ва шижоат, садоқат кўрсатиб жанг қилишди. Агар мағлубият хато ёки бепарволик оқибати бўлса, улар учун айб фақат менга қўйилиши керак»[11].
Ўша куни содир бўлган буюк қаҳрамонлик траншеяда ҳам, жанговар кема кўприкчасида ҳам, самолёт кабинасида ҳам эмас, балки ёзув столи ёнида амалга ошган бўлса ажаб эмас.
Шундай буюк қудрат ато қилинган одам қўли остидаги одамлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу қаҳрамонлик шундан иборат эдики, қўмондон кимнингдир айбдорлиги ҳақидаги савол туғилмай туриб ўзини айбдор деб тан олди.
Бу генерал ажойиб раҳбар эди. Унинг ўзини тутиши аллақачон суд жараёнларига, нафақага чиқиш ва оилавий ажралишларга кўникиб қолган бизнинг жамиятимиз учун ғайриоддийдир. Кўпчилигимиз ўзимизга қарата айтилган мақтовларни жон қулоғимиз билан танглаймиз. Эҳтимол, кимдир баъзи бир хатоларини ҳам тан олишга ҳам тайёрдир. Аммо камдан-кам одамларгина бошқаларнинг хатолари учун масъулиятни ўз зиммаларига оладилар, бунинг устига, бу хатолар ҳали қилинмаган бўлса.
Эйзанхауэр шундай иш қилди. Шунинг учун у қаҳрамон бўлди. Масиҳ шундай йўл тутди. Шунинг учун У бизнинг Қутқарувчимиз бўлди.
Жанг бошланмай туриб, У кечирди. Хато қилинмай туриб, У кечириши йўлларини топиб қўйди. Афв этиш айбдорлик ҳукмидан олдин юз берди.
Барча одамлардан буюк бўлган Масиҳ қуйидагиларнинг юкини ўзига олди. Масиҳ нима сабабдан келганлигини Ўзи тасвирлаган мисраларни ўқиб кўринг-а: Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки хизмат қилиш ва жонини бериб, кўпчиликка нажот бериш учун келган»[12].
Ҳозир биз учун «генерал» сўзи нимани англатса, «Инсон Ўғли» деган сўз Масиҳ даврида ҳар қандай яҳудий учун шуни — ҳукмронлик ва кучни англатарди.
Масиҳ Ўзи ҳақида: «Шоҳлар Шоҳи, Мен борлиқман, Бошланиш ва Охирман», дейди, Муқаддас Раббий сингари қанчадан-қанча турли исмлар ва тимсоллардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. У ҳақиқатан ҳам ана шундай ва бундан бошқа улуғ ва буюк исмлар билан аталиши мумкин эди. Аммо Масиҳ улар ҳақида эслатмади. Аксинча, У Ўзини Инсон Ўғли деб атади. Бу сўзлар Янги Аҳдда 82 марта учрайди. Улардан 81 мартаси Масиҳни Ўз оғзидан эшитган хушхабарлардадир.
Бу исм нимани назарда тутганини тушуниш учун биз бу исмнинг маъносини англаб етишимиз керак. Агар Масиҳ Ўзини шундай ном билан 80 мартадан кўпроқ аташни муҳим деб топган бўлса, албатта, бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўриш керак.
Бу исмнинг, тўғрироғи, унвоннинг келиб чиқиши ҳеч қандай шубҳа туғдирмайди. Биринчи марта биз уни пайғамбар Дониёр китобида учратамиз. Айнан бу сўз китобнинг 7-бобида — алоҳида таъсирчанликка бой фильм сценарийсига ўхшаш бобидадир. Томошабин экранда келажак саҳналарини ва заминий шоҳликлар тақдирини ҳал қилаётган, бири кетидан иккинчиси келаётган ҳукмдорларни кўради. Империялар худди ғазабнок, оч ва шафқатсиз ҳайвонлар кўринишида тасвирланган. Бургут қанотли шер[13] Бобилни, уч тишли айиқ[14] Мидия ва Форсни ифодалайди. Александр Македонский тўрт бошли, тўрт қанотли қоплон кўринишида[15], Рим империяси эса темир тишли сўнгги ҳайвон кўринишида ифодаланган[16].
Империялар юксалиб ва таназзулга юз тутиб алмашадилар. Қудратли давлатлар бирин-кетин ўз қудратини йўқотиб, заифлашиб бораверадилар. Охир-оқибатда Дониёр «эски кунлар билан» қудратли Худони ва Худо ҳузурига кираётган, куч-қудрат, шон-шараф билан юксалиб бораётган Инсон Ўғлини кўради[17]. Уни тасаввур қилишга уриниб кўришимиз мумкин — У оппоқ, ёп-ёруғ нур билан чулғанган, қўлида қилич ушлаб оппоқ от устида ўтирибди.
Ҳар қандай яҳудий учун Инсон Ўғли ғалаба рамзи эди. У Яраштирувчи, қасоскор, қўрқув ва ҳурматга сазовор «Улуғ оға» эди. У барча нарсани ушлаб турган муқаддас Худонинг ўнг қўли эди. У қасос ва ғазабнинг оловли аравасида момақалдироқдай гумбирлаб, Худо халқини чиқиштирмаётганларнинг таъзирини бериш учун осмондан тушиб келаётган Шоҳ эди[18].
Инсон Ўғли яҳудийлар учун ўз лашкарига ҳужум қилишга буйруқ берадиган ва уларни жангга бошлаб борадиган, елкасида тўртта юлдузи бор генерал бўлган. Шунинг учун Масиҳ Инсон Ўғли ва унга берилган ҳукмронлик ҳақида сўзлаганда, одамлар Уни жон-дилдан қўллаб-қувватлаганлар.
У Инсон Ўғли шон-шуҳрат тахтида ўтирадиган янги Шоҳлик ҳақида гапирганда[19], одамлар нима ҳақда гап бораётганини тушунганлар.
У сузиб келаётган осмон булутлари устида буюк куч ва шон-шуҳрат билан ўтирган Инсон Ўғли ҳақида гапирганда[20], ҳар бир одам бунинг қандай содир бўлганини тасаввур қила олган. Гап Инсон Ўғли ўнг томонда ўтиргани тўғрисида борганда[21], одамлар учун бунинг қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин бўлмаган. Аммо У, Инсон Ўғли азоб чекиши керак, деганда…Унинг атрофидаги одамлар бу гапнинг маъносини тушунмай, жим бўлиб қолишган эди. Бу уларнинг онгида шаклланган Инсон Ўғли тимсолига сира мос келмас эди. Ахир, улар Инсон Ўғлини бутунлай бошқача деб ўйлашар эди.
Ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Кўп йиллар сизни римликлар эзиб келишган. Болалигингизданоқ сизга, Инсон Ўғли келади ва сизни зулмдан халос қилади, деб ўргатишган. Мана, энди у шу ерда. Масиҳ Ўзини Инсон Ўғли деб атаяпти. Бунинг устига, У ўзининг Инсон Ўғли эканини исбот қиляпти. У ўликларни тирилтириши ва бўронни тинчлантириши мумкин. Унинг издошлари сони кундан-кунга ортиб боряпти. Сиз қойил қолдингиз, ниҳоят, Иброҳим болалари озодликка чиқишади.
Аммо у нима деяпти? «Инсон Ўғли бошқалар унга хизмат қилишлари учун эмас, балки ўзи бошқаларга хизмат қилиш учун келди». Бундан бир оз илгари у: «Инсон Ўғли одамлар қўлига топширилади ва Уни одамлар ўлдирадилар, аммо уч кундан сўнг у қайта тирилади»[22].
Тўхта! Тўхта! Бу ерда қандайдир хатолик бор, бу гапда аҳмоқона, ишониб бўлмайдиган қарама-қаршилик бор. «Улар бу сўзларни тушунмадилар, Ундан сўрашга эса қўрқдилар»[23]. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Бошқаларга хизмат қилиш учун келган Шоҳ? Ўлиши керак бўлган Инсон Ўғли? Ўлиши керак бўлган Ғолиб? «Қадимий кунлар» томонидан юборилган ва мазах қилиниши ва камситилиши керакми? Аммо «Инсон Ўғли» номининг кинояси ҳам шунда. Бу — хоч пичинги. Гўлгўта — Раббийнинг ақл бовар қилмайдиган улуғворлиги ва Унинг садоқатининг ақл бовар қилмайдиган теранлиги бирикмасидир[24]. Бу — Худонинг қудрати Унинг севгиси билан қўшилганда эшитиладиган моамақалдироқ гумбурлашидир. Бу — Худо ҳукмронлиги ва Худо меҳр-шафқати иттифоқидир. Ҳатто хоч ҳам ўз-ўзича бу борада алоҳида рамздир. Муқаддасликнинг вертикал дарахти севгининг горизонтал хариси билан кесишади.
Масиҳнинг бошида шоҳлик тожи бор, аммо Унинг кўкрагида Отанинг севгучи юраги уриб турибди. У Ўз аскарларининг хатолари учун масъулиятни ўз бўйнига олувчи генералдир.
Исо хат ёзмади — У жазо олди. У нафақат Ўзига инсониятнинг айбини олди — У инсонларни кечирди. У ўзини қурбон қилди. У аскарни қутқариш учун ҳалок бўлаётган генералдир. У оддий деҳқон учун азоб-уқубатларга бардош бераётган Шоҳдир. У хизматкор учун ўзини қурбон қилаётган хўжайиндир.
Болалигимда ўз еридан шаҳарга кетган хўжайин ва унинг хизматкори ҳақидаги ҳикояни ўқиган эдим. Бу воқеанинг кўп тафсилотлари аллақачон эсимдан чиқиб кетган. Аммо ҳикоянинг охирини яхши эслайман. Йўлда саёҳатчилар кучли бўронда қолиб, йўлдан адашиб қолдилар. Қоронғу тушгунча улар шаҳарга ета олмасликлари аниқ эди.
Эртаси куни дўстлари улар келмаганларидан хавотирланиб, уларни излашга тушдилар. Улар хўжайинни топганларида, хўжайин аллақачон қаттиқ совуқдан ўлиб қолган экан. Унинг жасадини кўтариб қарашасаки, жасад остида хизматкор ётибди. У совуқдан дир-дир титраса ҳам, ҳали тирик экан. У тирик қолди, хўжайин танаси билан хизматкорини совуқдан асрамоқчи бўлганини кейинчалик айтиб берди.
Мен узоқ вақт бу ҳикояни эсламадим. Масиҳ биз учун нима қилгани тўғрисида ўқиганимда, дарров хотирамга анча олдин ўқиган ўша ҳикоя келди. Масиҳ — Ўз хизматкорлари учун ўлган худди шундай хўжайиндир. У — аскарлари учун айбдорлик юкини Ўзига олган Генералдир.
У Ўз ҳаётини сизнинг… гуноҳларингизни ювиш учун ва сизга хизмат қилиш учун келган Инсон Ўғлидир.
4-боб
Майиб-мажруҳ эътиқод
Тадбиркорликда шунақаси ҳам бўлади: Сиз ҳеч ким сотиб олмайдиган маҳсулот ишлаб чиқаришингиз мумкин.
Сиёсатда ҳам шунақаси бўлади: бўлимлар ва комиссиялар ташкил қилинганда, ҳеч кимга керак бўлмайди.
Тиббиётда ҳам кашфиётлар одамларга ёрдам бериш учун эмас, балки кашфиёт учун қилинганда, шундай бўлади.
Таълимда ҳам шундай: мақсадингиз билим учун эмас, илмий даража учун бўлганда, кераксиз бўлади.
Масиҳнинг шогирдлари Қуддус йўлида кўрларни Масиҳнинг ёнига яқинлаштиришни хоҳламаганларида, шундай воқеа юз берган эди: «Исо билан шогирдлари Ериходан кетар эканлар, бир талай оломон Исога эргашди.Йўл бўйида иккита кўзи ожиз одам ўтирган эди, Исо бу ердан ўтиб кетаётганини улар эшитиб қолиб, бақирдилар:
— Ҳазрат, эй Довуд Ўғли! Бизга раҳм қилинг!
Оломон уларга: «Жим бўлинглар!» деб қаттиқ огоҳлантирди, аммо иккаласи: «Ҳазрат, эй Довуд Ўғли! Бизга раҳм қилинг!» деб баттар шовқин солдилар. Исо тўхтаб, уларни чақирди-да: Мендан нима истайсизлар? Сизлар учун нима қилай? — деб сўради.
— Ҳазрат, Сиздан кўзларимиз кўрадиган бўлишини истаймиз, — деб жавоб берди улар.
Исонинг икковига раҳми келди ва уларнинг кўзларига қўлини тегизди. Шу зоҳоти улар кўра бошладилар. Кейин иккаласи ҳам Исога эргашди»[25].
Матто бизга одамлар нима сабабдан кўрларни Исонинг ҳузурига яқинлаштирмасликни хоҳлаганлари ҳақида гапирмайди. Аммо биз бунинг сабабини осонгина билиб оламиз. Улар Исони ҳимоя қилмоқчи эдилар. Ахир, у жуда банд эди-да. Уни буюк ишлар кутарди. Исроилнинг келажаги хавф остида қолган эди. Масиҳ эса асосий вазифани бажариши керак эди. Шунинг учун йўл четида ўтирган қандайдир кўрлар учун Исонинг вақти йўқ эди.
Сизлар уларга бир қаранг-а! Кир-чир, бақир-чақир қилган, қўпол — шу боис уларнинг ёнида тургинг ҳам келмайди. Наҳотки уларда одоб-ахлоқ ҳақида тасаввур ҳам бўлмаса?! Наҳотки уларнинг атрофдагиларга заррача бўлса-да, ҳурмат қолмаган?! Бундай ишлар шу тарзда қилинмайди: олдин Натанил билан гаплашинг, Натанил эса Юҳанно билан гаплашади, Юҳанно эса ўз навбатида Бутрус билан гаплашади. Ниҳоят, Бутрус уларнинг илтимослари Раббийни безовта қилишга арзийдими ёки йўқми — ҳал қилади. Аммо шогирдлар бунинг тўғрилигига самимий ишонсалар-да, улар ноҳақ эдилар.
Худди шу сингари, биз ҳам кичкина одамларга эътиборни қаратиш учун Раббийнинг вақти йўқ деб ўйлаганимизда, хато қиламиз. Ёки зарур одоб-ахлоқ қоидаларимиз айтилган илтимосни тинглаш учун Раббийни расмиятчи деб ўйласак, хато қиламиз. Масиҳнинг ёнида юрадиганлар бошқаларни Унинг ёнига келишига ижозат бермаганларида, масиҳийлик бўш, маънисиз эътиқодга айланади — майиб-мажруҳ эътиқодга.
Сан-Антониодаги шифохонада юз берган воқеа юқорида айтилган гапларга яққол мисол бўла олади. Пол Лотц тепадан йиқилиб жароҳат олди: унинг ўпкаси тешилди, қовурғалари синди ва бундан ташқари ички аъзоларига қаттиқ зарар етди. Уни ярим беҳуш ҳолда шифохонага олиб келганларида, энг ёмони ортда қолди, деб ўйлади.
Аммо Пол ноҳақ эди.
У шифохона каравотида ётар экан, тепасида иккита врач унинг кўкрагига дренаж трубкасини қўйиш керакми ёки йўқми — шу ҳақда баҳслашаётганларини эшитади. Аста-секин баҳс жанжалга айланади ва ниҳоят бир шифокор иккинчисига, ҳозир полиция чақираман, деб таҳдид қила бошлайди.
— Илтимос, биронтангиз мени қутқаринг! — деб ялинди Пол унинг каравоти ёнида ёқалашаётган шифокорларга.
Аммо иккала врач Полнинг ёлворишларига эътибор бермай жанжаллашишда давом этди. Охири врачларнинг иккита ҳамкасби беморга эътибор қилиб, унинг ҳаётини сақлаб қолди[26].
Ишониш қийин, тўғрими? Одамлар арзимас нарсалар устида баҳс юритишадию айни пайтда энг зарур эҳтиёжлар эътиборларидан четда қолади. Бундай воқеалар жамоатларда ҳам бўлиб туради. Яқинда радиоэшиттиришларимни доимо тинглаб юрадиган бир мухлис менга телефон қилди. У оила аъзолари эътиқодга ишонмайдиган оилада катта бўлганди. У ишлайдиган жойда эса турли эътиқодларга тааллуқли бўлган иккита масиҳий ҳамкасби бор экан. Мен ҳайрон қолдим: у масиҳийлар билан ёнма-ён ишласа-да, менга қўнғироқ қилганди. У буни шундай изоҳлади: «Биттаси бундай дейди, иккинчиси ундай дейди. Мен қандай қилиб Исога имон келтиришимни билмоқчиман».
Бундай воқеа бизнинг кунларимизда ҳам содир бўлиб туради. Жамоат кам таъминланганлар тўғрисида эмас, балки ибодатхонанинг ташқи кўриниши ҳақида кўпроқ қайғурганларида, бу воқеа юз беради. Жамоатнинг энг ақлли одамлари буюк ҳақиқатлар ҳақида бош қотириш ўрнига, арзимас баҳсларнинг муҳокамаси билан банд бўлганларида, бу воқеа рўй беради. Жамоат ўзининг Раббийга бўлган эътиқоди туфайли эмас, балки у ёки бу муаммога бўлган нуқтаи назари билан донг таратганда, шу воқеа юз беради.
Бу воқеа бизнинг кунларимизда ҳам рўй беради. Бу воқеа ўшанда ҳам содир бўлган эди.
Кўряпсизми, Исога яқин турганлар, кўзи ожизлар Раббийга ҳалақит беряпти, деб айтишларига ҳеч қандай ҳақлари йўқ эди. Ахир, У Қуддусга бораётган эди-ку! Инсон Ўғли Қуддусга бораётган эди-ку! Инсон Ўғли Ўз Шоҳлигини мустаҳкамлаши керак эди. Йўл четида ўтирган қандайдир кўру гадоларнинг арз-додларини тинглашга Унинг вақти йўқ.
Шунинг учун ҳам кўзи ожизларга, жим бўлинглар, деб буйруқ берилган эди.
Ҳеч тоқат қилиб бўлмайди бу қашшоқларга. Уларнинг кийинишларига бир қаранг. Улар ўзларини қандай тутадилар-а! Уларнинг бақир-чақирлари-чи! Албатта, Масиҳнинг бу одамчаларга эътибор беришдан кўра муҳимроқ ишлари бор.
Масиҳнинг Ўзи эса бошқача ўйларди. У «марҳамат қилиб уларнинг кўзларига қўлини текизди, ўша зоҳоти кўзи ожизларнинг кўзлари очилди».
Масиҳ Ўзини ўраб олган оломон шовқинига қарамай, уларни эшитади. Шу оломон ичидан фақат кўзи ожизларгина Уни чинакамига кўришади.
Бу қашшоқларга, инсоннинг қилиқлари ва чиройли гапириш лаёқатидан кўра, унинг юрагида нима борлиги Худо учун муҳимдир, деб айтилган. Бу ўринда «ёндашув» эмас, самимийлик муҳимлигини улар тушуниб етдилар, шунинг учун бор кучлари билан бақирдилар. Уларнинг овозлари эшитилди.
Раббий Ўзини излаётганларни эшитади. Мана, яна бир мисол. Бу воқеа Масиҳ Қуддусга киришидан бир неча аср олдин юз берган эди.
Исроил шоҳи Ҳизқиё ўз халқи орасида руҳий қайта туғилишнинг ташаббускори бўлди, одамларни сохта худолардан воз кечиб ҳақиқий Худога юз тутишга чорлади. У барчани Қуддусга Фисиҳ байрамни нишонлаш учун таклиф қилди. Аммо у иккита муаммога дуч келди.
Биринчидан, Исроилликлар узоқ вақт Фисиҳни байрам қилишмаган эди. Шунинг учун уларнинг орасидан барча зарур маросимларга риоя қилиб поклана оладиган одам топилмади. Ҳатто руҳонийлар ҳам бутга сиғиниш орқали булғанган бўлиб, поклана олмадилар.
Иккинчидан, Худо Фисиҳни биринчи ойнинг ўн тўртинчи кунида байрам қилишни буюрди. Ҳизқиё одамларни йиғиб олгунча иккинчи ой келди.
Шундай қилиб, Фисиҳ бир ой кейин нишонлади. Байрамда иштирок қилган одамлар эса нопок эдилар.
Ҳизқиё Худога ибодат қила бошлади. Эй Эгам, мурувватинг ила бу бандаларингни кечир. Улар ўзларини покламаган бўлсалар-да, ота-боболарининг Худоси — Эгамизга чин юракдан сажда қилишга қарор этганлар»[27].
Мана, муаммо нимада эди: одамлар бирон ишни чин дилдан, аммо охиригача қилишмаганда Худо қандай йўл тутади? «Худо Ҳизқиёнинг илтижосини эшитиб, халқнинг гуноҳидан ўтди»[28]. Садоқатсиз юрак билан мукаммал бажарилган маросимлардан кўра, садоқатли юрак билан тўла бажарилмаган урф-одатлар яхшироқ.
Бир марта мен Атлантада (Журжини штати) анжуманда иштирок этаётган эдим. Хотиним ва қизларим билан гаплашиш учун уйга телефон қилдим. Ўшанда беш ёшда бўлган Жони билан суҳбат қилганимда, у: «Дада, сиз учун кутилмаган совғам бор», деди. У телефонни фортепьяно олдига олиб келиб, чала бошлади.
Жонининг чалган куйини қийинчилик билан қўшиқ деб аташ мумкин эди. У худди клавишларни (пианино торларини) савалаётганга ўхшарди. Оҳанг умуман йўқ эди. Қофия деган нарса умуман йўқ. Бунинг устига, мисралар ҳам саводсизларча тузилган эди. Шакл нуқтаи назаридан бу тамомила бўлмағур нарса эди.
Аммо менга бу қўшиқ санъат асари бўлиб туюлди. Нега? Нега деганда, бу қўшиқни қизим мен учун ёзган эди-да!
Қайси бир отага шундай қўшиқ ёқмайди?! Ким бу қўшиққа яхши баҳо бермайди?! Китобхонлардан баъзилари ҳозир пешонасини тириштириб шундай деб айтар: «Макс, тўхта! Биз Раббийга қандай тарзда келишимиз муҳим эмас, демоқчимисан? Биз Раббийга қандай эмас, нима сабабдан келишимизгина аҳамият касб этади, демоқчимисан? Буни қай тарзда қилишимизнинг аҳамияти йўқми?»
Йўқ, мен бу ҳақда гапирмаяпман (саволингиз учун миннатдор бўлсам-да). Биз Раббийга садоқат билан тўғри йўлдан боришимиз — энг тўғрисидир. Баъзида биз бунга эришамиз ҳам. Баъзида ибодатимизнинг сўзлари ҳам худди бизни ибодат қилишга ундаётган мақсадларимиз каби гўзалдир. Баъзида биз жамоат мадҳияларини айтаётган нарсамизга ишонганимиз каби ажойиб тарзда куйлаймиз.
Баъзида биз Раббийга қанчалар самимий бўлсак, шунча чиройли ибодат қиламиз. Аммо кўпинча бундай бўлмайди. Кўпинча дудуқланиб қоламиз ва керакли сўзларни топа олмаймиз. Кўпинча ўйнаётган мусиқамиз мукаммалликдан жуда узоқ. Кўпинча ибодатимиз ўзимиз хоҳлаганимиздай улуғвор ва гўзал чиқмайди. Кўпинча йўл четида ўтирган кўрлар Раббийни чорлагани каби, қўпол ва андишасиз чорлаймиз.
«Раббий, бизга ёрдам бер!»
Баъзида эса ҳатто ҳозирда ҳам Раббийнинг самимий издошларидан кўпчилиги биз рисоладагидай ҳаракат қилишга ўрганмагунимизча жим туришимизни маслаҳат беришади.
Масиҳ кўрларга, жим бўлинглар, деб айтмади. Худо Ҳизқиёдан, байрамни тўхтат, деб сўрамади. Мен Жонига, кўпроқ машқ қил, қачон яхши чалишни ўрганганингдан кейин менга бошқатдан қўнғироқ қил, деб айтмадим.
Кўрлар ҳам, Ҳизқиё ҳам, Жони ҳам бор кучлари билан ҳаракат қилишди ва шунинг ўзи кифоя эди.
«Сиз мени қидиринг, — дер эди Раббий, — сиз Мени чин юракдан ахтарганингизда топасиз. Ўшанда Мен сизларга зоҳир бўламан».
Қандай ажойиб ваъда! Кўрлар мисолида биз Унинг Ўз сўзига содиқ эканини кўрамиз.
Бу воқеанинг сўнгги кўриниши айниқса, диққатга сазовордир. Иккита ялангоёқ, жулдур кийим кийган одам кўзлари ёниб келишяпти. Йўқ, улар оддийгина юриб келишмаяпти, улар Қуддус йўлида Масиҳнинг кетидан қувонч-ла сакраб-сакраб боришяпти. Улар бир-бирларига илгари ҳидини сезган, аммо кўрмаган гулларини кўрсатишяпти. Нурларини кўрмаган, аммо ҳароратини туйган қуёшга боқишяпти. Ўша куни йўлда бўлганлар орасида бу иккаловининг кўзлари кўр бўлса-да, кўзи очиқлардан ҳам яхшироқ кўрганларида қандайдир киноя бор.
ШАНБА
5-боб
Ҳеч нарса қилиш керак эмас. Бирпас тўхтанг
Бир куни қизим Андреа икковимиз сайр қилишга чиқдик. Ўшанда у тўрт ёшда бўлиб, жуда қизиқувчан эди. Шунинг учун биз қўшни кўчаларни ўрганиш учун кичик экспедиция ташкил қилишга қарор қилдик. «Юр, илгари ҳеч юрмаган жойларга борамиз», деб таклиф қилдим. Шундай қилиб, биз ишонч билан уйдан чиқиб, нотаниш кўчалар томон кетдик.
Капитан Кирк биз билан ғурурланса арзирди. Биз бораётган жойлар Андреа учун умуман нотаниш эди. У ҳеч қачон кўрмаган кўчалардан борардик. Андреа ўзи танимаган кучукларни силарди. Қизим учун бу ҳақиқий тадқиқот экспедицияси, инсон қадами етмаган жунгли, ҳеч ким юрмаган сўқмоқ бўлди. Ҳовлилар бошқача, бу ҳовлиларда биз учратган болаларнинг ёши ҳам катта туюларди. Уйлар ҳам каттароқдай туюларди.
Дастлаб мен: «Ҳозир қизим ташвишга тушиб, асабийлаша бошлайди, бу нотаниш жойлар, аллақандай товушлар уни қўрқитиб юборади», деб ўйлаган эдим.
— Қалайсан? — деб сўрадим мен ундан.
— Яхшиман.
— Ҳозир қаерда эканингни ўзинг биласанми?
— Йўқ.
— Бу ердан уйимизга қандай боришни биласанми?
— Йўқ.
— Ҳеч қўрқмаяпсанми?
У қадамини секинлаштирмай, қўлимдан ушлаб, шундай деди:
— Уйга қандай боришимни билишимнинг ҳожат йўқ. Ахир, сиз ёнимдасиз-ку!
Мен Андера билан нима қилган бўлсам, бир куни Худо ҳам Ўз болалари билан шуни қилди. Худо болаларини мутлақо нотаниш жойларга олиб борди. Худо Ўз болаларини денгиз орқали олиб ўтди ва улар илгари ҳеч кўрмаган жойларга бошлади.
Улар қаерда эканликларини билишмасди. Саҳро жуда ғалати эди. Янги-янги товушлар, нотаниш шароит. Улар билан менинг қизим ўртасида битта фарқ бор эди. Улар Андреа каби ишонишни билмасдилар. «Бизни Мисрга қайтариб олиб бор», деб талаб қилишди улар.
Аммо Ота, болаларим Менга ишонсалар эди, деб хоҳларди. Ота, болаларим Менинг қўлларимдан ушлаб, хотиржам бўлсалар эди, деб истарди. Ота шуни истардики, қилинадиган иш қай тарзда амалга ошишидан қатъий назар, болалар хавотир олмасалар, бу ишни амалга оширадиган Отага фақат ишонсалар бўлди эди.
Ота болаларини қулликдан озод қилди, уларга денгиз орқали йўлни таклиф қилди. Болалари кундузи йўл юришлари учун булутни, тунда юришлари учун оловли устунни юборди. Бундан ташқари, У болаларига озиқ-овқат юборди. У болаларининг асосий муаммосини ҳал қилди. Болалари оч эди. Ота уларнинг қорнини тўйдирди.
Ҳар куни эрталаб ерга манна ёғиларди, кечқурун эса — бедана. «Менга ишонинг, Менга ишонинг, сиз нимага муҳтож бўлсангиз, нима керак бўлса, шуни бераман». Халққа кунига қанча керак бўлса, шунча йиғиштириб олиш буюрилган эди. Ҳар куни улар эҳтиёжларига яраша нарсаларни олардилар. Худо Ўз ваъдасига содиқ бўлса-да, озиқ-овқат Худо томонидан ато қилинганига одамлар ишонишлари қийин эди. Уларга қўлларида овқат ушлаш ва ҳеч нарса ғамламаслик ғайри оддий бўлиб туюларди.
«Эртага Худо биз тўғримизда унутиб қўйса-чи? Эртага У бизнинг ёнимизга келмаса-чи?» Оқибатда улар ўзларига керак бўладиганидан ортиғини ҳам олиб, озиқ-овқат ғамлай бошладилар. Аммо бир кечада ортиқча озиқ-овқат айниб қолди.
«Ўзингизга бугун керагини олинг, — деб айтди Худо уларга, — Эртанинг ғамини мен ейман».
Болаларим Менга ишонсалар эди, деб хоҳларди Ота. Жума куни уларга икки кунга етарли озиқ-овқат ғамлаш буюрилди. Чунки кейинги кун Шаббат — Дам олиш куни эди. Бу кунда инсонлар ўзларининг Яратувчиси билан бўлишларини У белгилаб қўйган эди. Жума куни йиғиб олинган озиқ-овқат Шаббат куни айнимади.
Аммо Шаббат куни одамлар ишсиз ўтира олмасдилар. Уларга иш қилиш ўрнига, ўтириб гап тинглаш аҳмоқона бўлиб туюларди. Ана, улар Худонинг огоҳлантиришига қарамасдан, овқат излаб кетишди. (Ҳаммадан кўп чарчаган одамларни дам олишга мажбур қилиш энг қийин иш эканлиги кулгили-а, тўғрими?)
Эътибор қилинг-а, Худо нақадар донишманд! Биз учун ҳар қандай иш тўхтатиладиган кун керак, биз учун тегирмонлар дон янчишдан тўхтайдиган, мотор ишлашдан тўхтайдиган йигирма тўрт соат вақт керак. Биз тинишимиз керак.
Шаббат — бу шундай кунки, бу кунда Худонинг болалари мусофирликда яшар эканлар, Оталарининг қўлидан ушлаб: «Мен қаерда эканимни билмайман, мен уйимга қайтиб бориш йўлларини ҳам билмайман, аммо буни Сен биласан, Менга шунинг ўзи етарли» деб айтадилар.
Бундан икки ҳафтача илгари биз Андреа билан янги саргузаштлар излаб уйдан чиқдик. Бу сафар велосипедда. Андреа икки ғилдиракли велосипедда ўтириб, мувозанат сақлашни яқиндагина ўрганган эди. У велосипед миниш малакасини ҳовлимизнинг хавфсиз йўлкаларида эмас, уйимизнинг орқасидаги тепаликда синаб кўрмоқчи эди. Бунгача у ҳеч қачон тепаликдан пастга велосипедда учиб кўрмаган эди.
Биз тепаликнинг энг чўққисига чиқиб, пастликка қарадик. Бу тепалик Андреага худди Эверест бўлиб кўринаётгандай эди.
— Сен ростдан ҳам шу ердан пастга учмоқчимисан? — деб сўрадим мен.
— Шундай бўлса керак, — дея жавоб берди у ютиниб.
— Тўхтамоқчи бўлганингда тормозни бос, тушундингми? Тормозни, шуни унутма.
— Хўп.
Мен биринчи бўлиб туша бошладим ва ярим йўлда тўхтадим. Орқамдан Андреа туша бошлади. Велосипед тезлиги оша бошлади. Велосипедининг рули титрар, кўзлари катта-катта очилган, педал катта тезлик билан айланарди. У худди рўпарамга келганда: «Мен педални босишни билмайман!» деб қичқирди. У пастга учиб тушиб, йиқилди.
Агар сиз тўхташни билмасангиз, натижа жуда оғриқли бўлиши мумкин. Велосипедда учаётганингизда шундай бўлади. Ҳаётда ҳам шундай бўлади. Сиз қандай тўхташ кераклигини биласизми? Ўзингизни тепаликдан тезлигини ошириб келаётган велосипедда учиб келаётган ва қандай тўхтатишни билмаётгандай ҳис қилганмисиз? Ҳаётингиз ғилдираклари борган сайин тезлашиб, сизни севган одамларингиз олдидан учириб олиб кетаётгандай ҳис қилганмисиз? Янада жадаллашиб бораётган тезликни тўхтатиш учун сизга ёрдам керакми? Агар керак бўлса, Масиҳ Ўз ҳаётининг охирги шанбасида нима қилгани тўғрисида ўқинг. Матто баён этган Хушхабардан бошланг. Ҳеч нарса топа олмадингизми? Унда Марк Хушхабарини ўқинг. Масиҳ ўша шаббат куни нима қилгани тўғрисида Марк нима деб ёзибди? У ерда ҳам ҳеч нарса топмадингизми? Қизиқ-ку. Луканинг хушхабарида нима ёзибди экан? Наҳотки бу кун ҳақида у ҳам эсламабди? Ундай бўлса, Юҳанно Хушхабарини очинг-чи. У албатта, шу охирги Шаббат куни тўғрисида нимадир ёзган бўлса керак. Йўқ эканми? Наҳотки бир сўз ҳам ёзмаган бўлса? Ҳм-м-м. Демак, ўша кунни Масиҳ ҳеч иш қилмасдан ўтказибди.
Демак, Исо ҳеч иш қилмабдими? Ҳа, худди шундай.
Сиз Унинг умридан бир ҳафтагина қолганда, Шаббатга риоя қилган демоқчимисиз? Шундай, бунга ўзимиз ҳам ишонч ҳосил қилдик-ку.
Сиз, пайғамбарларга Исо қанча кўп нарсани ўргатиши керак бўлса, У шунча кўп нарсани халққа айтиши мумкин бўлган, У бу кунни дам олиб ва Худога сажда қилиб ўтказган, демоқчисиз? — Худди шундай. Сиз: «Масиҳ ишдан кўра, Худога ибодат қилишни муҳимроқ деб ҳисоблади», деяпсизми? Айнан шуни мен сизга тушунтирмоқчиман.
Худди шу учун шанба куни белгиланган. Масиҳ ҳам шундай йўл тутди. «У Ўз одатига кўра, Шаббат куни синагогага кирди ва ваъз айта бошлади»[29]. Наҳотки биз шу ишни қила олмаймиз?!
Агар Масиҳ қанчадан-қанча муҳим ишларига қарамасдан, тўхташ ва сокинликда бўлиш учун вақт топган бўлса, эҳтимол, биз ҳам шундай қила орамиз?
Сиз нима тўғрида ўйлаётганингизни мен биламан. Сизнинг юзингизда шу ёзилган. Сиз менга компьютерим мониторидан қараб турибсиз: кўзларингизда ишончсизлик, қошларингиз чимирилган. «Макс, аммо якшанба — мен идорага келиб, ҳафта давомида қила олмаган ишларимни қилишим мумкин бўлган ягона кун-ку», демоқчидирсиз. Эҳтимол, шундай айтмоқчидирсиз: «Ҳа, Макс, зўр ўйлабсан. Аммо сен бизнинг жамоатимизда ўқиладиган ваъзларни эшитганмисан? Мана буни дам олиш деса бўлади. Мен худди ёш бола каби ухлайман. Қўшиқ айтиш эса менга сира ёқмайди», дерсиз. Ёки: «Макс, сенга айтиш осон, сен воизсан. Агар сен ҳам менга ўхшаб тўртта бола билан уйда ўтирганингда эди…» Чиндан ҳам тўхташ қийин.
Бандлик кўпинча худди етуклик белгиси каби қабул қилинади. Айтганча, худди шундай аҳд йўқми? «Банд бўлганлар бахтлидирлар». Тасаввур қилинг: бундай аҳд йўқ. Аммо Муқаддас Ёзувда кўп одамларнинг ҳаётига татбиқ қилса бўладиган оят бор: «Ҳар кимнинг умри соядай ўтиб кетар, инсоннинг ҳаракати беҳуда бўлар, бойлик йиғар лекин билмас, ким бойликка эгалик қилар»[30]. Бу оят сизнинг ҳаётингизга ўхшайдими? Эҳтимол, сиз бир жойда шундай ҳам бўларсиз, шунинг учун ҳам дўстларингиз учун сиз чиндан арвоҳ кабидирсиз? Эҳтимол, сиз жуда кўп ҳаракат қиларсиз? Юзлаб жойларга улгуришингиз керакдир? Дўстларингиз чиндан ҳам сиз мавжуд эканингизга шубҳа қиларлар? Эҳтимол, сиз эътиқодингиз эвазига сотиб олаётган беҳаловат ҳаётингиздан ғурурланарсиз ҳам? Эҳтимол, сиз ҳам Андреага ўхшаб: «Мен қандай тўхташни билмайман», деб айтарсиз. Агар шундай бўлса, сизни олдинда йиқилиш кутяпти.
Тезликни пасайтириб кўринг-чи. Агар Худо бирон нарсани амр қилган бўлса, демак, шу нарса керак. Худо олдингидай ҳамон манна юборяпти. Унга ишонинг. Иш учун «йўқ» ва Худога ибодат килиш учун «ҳа» дейдиган кунни белгиланг.
Яна бир гап.
Лондоннинг эътиборга сазовор жойларидан бири — Чаринг Кроссдир[31]. Шаҳар марказида жойлашган бу жой кўчаларда адашиб қолганлар учун мўлжал бўлиб хизмат қилади.
Бир куни кичкина қизча бу катта шаҳарда йўқолиб қолди. Қизчани топиб олган полицияга: «Уйимга олиб борадиган йўлни билмайман», деб айтди у. Полициячи қизчадан уй манзилини сўради. Қизча уй манзилини ҳам билмасди. Қизча телефон рақамини ҳам билмасди. Полициячи: «Ҳеч бўлмаса, бирон белгини эслай оласанми?» деб сўради. Шунда қизчанинг юзлари ёришиб кетди: «Хочни биламан! — деди у. — Менга хочнинг қаердалигини кўрсатинг. Мен уйимни топиб оламан».
Сиз ҳам шундай қила оласиз. Доимо уфқда турган хочга қарайсиз, албатта, уйингизга борадиган йўлни топа оласиз. Дам олиш кунингизнинг вазифаси — ана шудир: жисмонан дам олиш, аммо ҳамма нарсага биринчи навбатда тўғри назар билан қараш. Бу — сизни уйингизга олиб кела оладиган тўғри йўналишни танлай оладиган кунингиздир.
Илтимос, шундай қилинг. Қўлингизни чўзинг. Отангизнинг қўлидан ушлаб, қачонлардир Андреа менга айтган сўзларни айтинг:
«Мен қаерда эканлигимни билмайман. Уйга олиб борадиган йўлни ҳам билмайман. Аммо Сен буни биласан, шунинг ўзи етарли».
6-боб
Таваккал қиладиган севги
Эпчил ва чаққон Эддининг ҳамма нарсаси етарли эди.
Бу уддабурон адвокатнинг исми жиноятчилик авж олиб кетган 20-йилларда жуда машҳур эди. У Ал Капоненинг яқин дўсти бўлиб, машҳур гангстер уюштираётган итлар пойгасини бошқарарди. У ғалабага эришишнинг оддий ва самарали усулини ишлаб чиқди: пойгадан олдин еттита итни сал-пал овқатлантириб, кейин ўзи саккизинчисига пул тикиши керак эди.
Бойлик. Жамиятдаги мавқе. Ўзини тута олиш. Уддабурон Эддида ҳаммаси бор эди. Унда нега у полицияга айби учун иқрор бўлиб келди? Нима сабабдан у Ало Капонега қарши кўрсатма беришга қарор қилди? Уни бундай қилишга нима мажбур этди? Наҳотки у мафияга қарши бўлаётган суд жараёнида гувоҳ бўлиб қатнашаётганда, ўлимга тик боқаётганини билмаса? У ўлимга бораётганини биларди. Аммо шундай бўлса-да, шу қарорга қелган эди.
Нима учун? Давлат ва жамият унда йўқ бўлган нимани бера оларди? Унинг пул бор эди. Ҳукмронлиги, обрў-эътибори бор эди. Шундай экан, нега у бундай қилди?
У ўз сирини ўзи ошкор қилди. Унинг ўғли Эдди бутун ҳаётини разил ва жиноятчи одамлар билан ўтказган эди. Жиноятлар дунёси муҳити уни ҳар доим таъқиб қилиб келди, ертўлалар ҳиди унинг жонига тегиб кетганди. У ўғлининг ҳаёти бошқача бўлишини хоҳларди. У ўғлининг исми бўлишини истарди. Ўғлига ўзининг номини бериш учун эса у аввало номини поклаши керак эди. Эдди келажакда ўзини кутаётган хавф-хатарларга тайёр эди. Ахир, ўғлининг ҳаётига ёлғон аралашишини хоҳламас эди-да. Уддабурон Эддига ўз орзусининг амалга ошганлигини кўриш насиб қилмади. Судда берган кўрсамалардан кейин бандитлар ундан ўч олишди. Ов милтиғидан отилган иккита ўқ уни ҳаётдан олиб кетди.
Шундай экан, бунда маъно бормикан? Ҳа, унинг ўғли учун маъно бор. Уддабурон Эддининг ўғли отасининг қурбон бўлганига лойиқ умр кечирди. Энди унинг исми Қўшма Штатларда ва унинг чегараларидан ташқарида ҳам машҳур. Энди унинг ўғли тўғрисида сўз юритишдан олдин, келинг, таваккал севгининг ғояси, ўзини фидо қиладиган севги ҳақида гаплашайлик. Хотираси ҳеч қачон ўчмайдиган барқарор севги ҳақида. Фидокор севги ҳақида.
Кутилмаган, лол қолдирадиган ва жунбушга келтирадиган севги. Юракларни мағлуб қилиб, юракларда ўчмас из қолдирадиган севги. Қилган ишлари ҳеч қачон унутилмайдиган севги.
Масиҳ ҳаётининг охирга ҳафтасида ҳам шундай севги ғалаба қилган эди. Бу — ҳеч қачон унутилмайдиган садоқатнинг белгисидир. Ажойиб меҳрибонлик, аммо Масиҳнинг ўзига эмас, Унга нисбатан кўрсатилган меҳрибонлик.
Масиҳ дўстлар даврасида. Улар стол атрофида ўтиришибди. Улар турган шаҳар — Байтания, Шимўннинг уйида ўтиришибди.
Умуман олганда, илгари Шимўнни мохов деб чақиришарди. Энди эса бундай деб чақиришмайди. Энди у оддий Шимўн. Масиҳ уни қачон соғайтирганини биз билмаймиз. Аммо у соғайгунча қандай бўлганини тасаввур қила оламиз. Елкалари чўккан. Қўллари яра билан қопланган, ниҳоятда хунук. Йиринглаган тана. Жулдур, титилиб кетган кийим. Тешикларидан умидсизлик чўккан кўзларигина кўриниб турган чирик латта.
Аммо бу аҳвол — Масиҳ унга қўлини текизгунга қадар. Эҳтимол, Шимўн Тоғдаги ваъзидан кейин шифо топгандир. Эҳтимол, Исо шифолаган ўнта моховнинг биттаси бўлса керагу кейин Исога миннатдорчилик билдиришга келган. Эҳтимол, Масиҳ Байтсайда қишлоғида тўйғизган тўрт мингта одамнинг орасида бўлгандир? Эҳтимол, Хушхабар муаллифлари ёзишга улгурмаган юзлаб одамлардан биттасидир?
Биз буни билмаймиз. Аммо Масиҳ шогирдлари билан ўша куни кечки овқатда уникида бўлгани бизга маълум.
Худди ҳеч нарса бўлмагандай. Аммо Исо учун бу катта аҳамиятга эгадир. Фарзийлар аллақачон Исони қандай ўлдиришни муҳокама қилишяпти. Орадан озгина вақт ўтгач, улар Лазарни ҳам шерик деб эълон қилишади. Эҳтимол, тез орада Исонинг ҳамма дўстларини қидира бошлайдилар. Ўз уйида деярли жиноятчи деб эълон қилинган одамни қабул қилиш учун мардлик керак.
Аммо моховнинг танасидаги яраларга қўл текизиш учун ҳам Ундан кўп мардлик талаб қилинади. Шимўн Масиҳнинг қилган ишларини эсидан чиқармаган эди, эсдан чиқара олмасди ҳам. Ахир, энди Шимўннинг қуруқ танаси ўрнига қизчаси ушлай оладиган бармоғи ҳам бор эди. Илгари танасининг йиринг билан қопланган жойлари энди тери билан қопланган эди. У энди танасида хотинининг қўлларини ҳис қилиши мумкин эди. Илгари одамлар уни ҳайдаган, таҳқирлаган бўлсалар, энди буларнинг ўрнига қувонч дақиқалари бор эди. Худди ҳозиргидай: дўстлар билан тўла уй, безалган дастурхон. Йўқ, Шимўн эсидан чиқара олмайди. У ўлимга тик қараш нима эканини биларди. Уйсиз қолиш нима эканини, атрофдагилар сени тушунишни истамасликлари қандай бўлишин биларди. Исо бир нарсани билишини у жуда истарди: Исо қачондир оч қолса ёки тинч қолишни истаса, Байтанияда Уни қучоқ очиб кутиб оладиган уй бор. Шимўнникидаги каби меҳмондўстликни У бошқа хонадонлардан топа олмайди. Ҳафтанинг охиригача У Қуддусдаги энг чиройли уйда — олийруҳонийнинг уйида бўлиши керак. Орқа ҳовлида учта омборхона ва ажойиб водийга очилган гўзал манзара. Аммо Масиҳ бу манзарани томоша қилмайди. У фақат сохта гувоҳларнигина кўради, холос. У фақат ёлғонни ва тарсаки овозларини эшитади ва ҳис қилади, холос.
Йўқ, У олийруҳонийнинг хонадонидан меҳмондўстликни топмайди. Ҳафтанинг охиригача У яна Ҳироднинг саройида ҳам бўлади. Ҳашаматли уйлар, сон-саноқсиз хизматкорлар. Балки стол устида шароб ва мевалар бордир. Аммо Ҳирод буларни Исога, ол, деб таклиф қилмайди. Ҳирод кўзбоғловчилик, цирк томошасини яхши кўради. «Қани, қишлоқи. Менга бирон мўъжиза кўрсат-чи», деб ҳазиллашади у. Соқчилар эса маъқуллаб ҳиринглашади.
Ҳафта сўнгигача Масиҳ Пилатнинг уйида бўлади. Бутун Яҳудия прокуратори ўтирган кресло ёнида туришдек камдан-кам юз берадиган имконият. Бу катта шараф. Бу тарихий дақиқаларга айланиб қолади — аммо бундай бўлмайди. Аксинча, у ҳақда унутишга ҳаракат қилишади. Пилат мурувват кўрсатиши учун катта имкониятга эга, аммо буни қилмайди. Раббийнинг Ўзи унинг қаршисида туради, аммо Пилат Уни кўрмайди.
«Агар…бўлганда-чи?» деган саволни бермасдан тура олмаймиз. Агар Пилат айбсиз кишини ҳимоя қилса, нима бўларди? Агар Ҳирод Масиҳдан кўнгил очишни сўрамасдан, ёрдам сўрай бошласа, нима бўларкин? Агар олий руҳонийни ҳақиқатан, Унинг мавқеи қаттиқ қизиқтириб қолса-чи? Агар улардан биронтаси оломоннинг ёнини олмасдан, Масиҳга мурожаат қилса ва У тарафда бўлса, нима бўларди?
Аммо ҳеч ким бундай қилмади. Бу одамлар жамият зинапоясининг жуда юқори зиналарини эгаллаган бўлардилар ва улар пастга йиқилгудай бўлсалар, қаттиқ шикастланган бўлардилар.
Шимўн эса шундай қилишга аҳд қилди. Умидга тўла севги кичик имкониятга ҳам тайёр. Шимўн шу имкониятдан фойдаланиб қолди. У Исони яхшилаб меҳмон қилишга қарор этди. У дастурхонга унча кўп нарса қўя олмади, аммо олдингисидан кўпроқ қўйди. Руҳонийлар Уни айблаганларида, аскарлар Унинг юзига шапалоқ урганларида, балки, Исо Шимўннинг ишини эслагандир, бу Унга куч-қувват бергандир.
Эҳтимол, Исо Марям қилган ишни эслагандир. У ҳали ҳам дунёнинг хушбўй ҳидларини туяётгандир. Нима бўлганда ҳам, бу — узоқ ўлкалардан олиб келинган қуюқ, жуда кўп вақтга одамнинг кийимига ширин ҳид бўлиб ўтириб қолишга қодир бир пудлик тинчлик эди.
Эҳтимол, У бу воқеа ҳақида дарралар зарбалари орасидаги қисқа танаффусларда эслагандир? Ўзи қоқиб қўйилган устунни қўллари билан қучоқлаб, навбатдаги зарбани кутиб, танани мулойим қиладиган хушбўй ҳидли мой ҳақида У эсладимикан? Қотилликни томоша қилишга келган оломон орасидаги аёлларнинг ҳиссиз чеҳраси орасидан У Ўзига ғамхўрлик қилган Марямнинг кичкина нафис чеҳрасини кўрдимикан?
Унга ишонган ягона одам Марям эди. Исо Ўзининг ўлими тўғрисида гапирганда, кимдир елкасини қисди, кимдир шубҳаланди, аммо Марям ишонди. Чунки Исо бир пайтда янгроқ овоз билан: «Лазар! Бу ёққа чиқ!» деб буюрган ва Марямнинг акаси чиқиб келган эди. Лазар тўрт кун давомида ўлик ҳолда ётган ва тош бостириб қўйилган қабрдан чиқиб келган эди.
Марям яқинда акасининг муздай совуқ қўлларини ўпаётиб, ўгириб Масиҳга қаради. Масиҳ жилмайди. Кўз ёшлари қуриган ва соқол-мўйловлари орасидан оппоқ тишлари кўриниб турарди. У жилмайиб турарди.
Шунда Марям ҳеч қачон Унинг сўзларига шубҳа қилмасликка қарор қилди. Шунинг учун Исо ўз ўлими ҳақида гапирганда, Марям Унга ишонди.
Қиз эндиям бу учаловининг бирга ўтирганларини кўриб, ўзини тутиб тура олмади. Собиқ мохов Шимўн бошини орқага ташлаб хохолаб куларди. Ўликдан тирилган Лазар эса Исонинг гапини тинглаш учун У томонга эгилган. Иккаловига қайта ҳаёт ато қилган Исо эса қандайдир қизиқ воқеани уларга айтиб бермоқчи бўлиб турибди.
«Вақт етди», деб ўйлади Марям.
У бу ишни ҳис-туйғулари тўлиб-тошганидан қилмади. У ўзи билан уйидан хушбўй мой солинган катта идиш олиб келган эди. Унинг бу ишини тасодиф деб бўлмасди, бу ишни кутилмаган исрофгарчилик деб атаса бўлади. Бу мойни бозорда бир йиллик маошга тенг пулга сотиш мумкин эди. Эҳтимол, бу мой Марямнинг бисотидаги қиммат нарсасидир. Унинг қилаётган иши мантиққа умуман тўғри келмасди. Аммо қачондан бери севги мантиққа бўйсунадиган бўлиб қолди?!
Шимўн мохов хасталигидан севги ёрдамида соғаймади. Лазарнинг қабри ёнида соғлом фикр йиғламади.
Оломонга егуликни мантиқ бермади ёки мантиқ болаларни қўлига олмади. Бу — севги эди. Исрофгарчилик қилиш учун таваккал қилишга тайёр, севгининг ҳар қандай имкониятини қўлдан бермасликка тайёр — севги.
Энди эса худди шу севгини кимдир одамларга мўл-кўл севги улашганга нисбатан кўрсатиши талаб қилинарди. Буни Марям қилди. У Исонинг орқасида қўлида идишини ушлаб турарди.
Шу дақиқада ҳамма жим бўлиб қолди, уларнинг кўзлари қизнинг ҳаяжондан титраётган бармоқлари усталик билан безатилган идиш қопқоғини маҳкам ушлаганини кузатиб туриб, ҳайронликдан катта-катта очилиб кетди. Фақат Исо нима бўлаётганидан бехабар эди. Исо орқасида турган кимгадир ҳамма қараётганини сезди, худди шу пайт қиз идишдаги хушбўй мойни Исонинг бошига, елкалари ва орқасига қуя бошлади. Агар қизнинг имконияти бўлганда эди, у ўзини ҳам охиригача қуйиб юборган бўларди.
Хона муаттар ҳидга тўлди. Қовурилган гўшт ва зираворлар ҳидини хушбўй мой ҳиди босиб кетди.
«Сен қаерда бўлмагин, хушбўй ҳид дунёда Сени севувчилар борлигини Ўзингга эслатиб туради» — қиз қилган иши билан худди шундай деяётган эди.
Эътиқоднинг хуш ҳиди Унинг танаси бўйлиб оқди. Ишонч малҳами Исонинг кийимларига сингди. Аскарлар Унинг кийимларини бўлишиб олишаётганда, қизнинг иши қабристонга олиб келинган сўнгги хайрлашув гулдастасидай бўлди. Шогирдлар эса қизнинг исрофгарчилигидан кулишди. Улар, қиз аҳмоқона иш қилди, деб ўйлашди. Бунда қандайдир ҳазил бор. Шогирдлар бўрон пайтида қайиқда чўкаётганларида, Масиҳ уларни қутқарди. Масиҳ уларга шифолаш ва ваъз айтиш қудратини берди. Исо туфайли уларнинг мазмунсиз бетартиб ҳаётида мазмун пайдо бўлди. Мана улар — ўзларида Масиҳнинг севгисини ҳис қилган шогирдлар ҳозир Марямга, сен исрофгарчилик қилдинг, деб таъна тошлари отишарди. «Бундай хўжасизлик кимга керак? Бу хушбўй мойни сотиб, пулини камбағалларга бўлиши бериш мумкин эди», тиржайишди шогирдлари. Эътибор беринг-а, Масиҳ шу зоҳоти Марямни ҳимоя қила бошлади: «Аёлни нега хижолат киласиз? У Мен учун яхши иш қилди»[32].
Масиҳнинг сўзлари бизнинг кунларимизда ҳам илгаригидай кучига эга. Уларга қулоқ тутинг-а. Баъзида ўйланмаган ва тежамсиз севги — ўз севгисини охиригача севган одамингга бериш учун вақт келади. Шундай пайт келганда, имкониятни қўлдан бой берманг.
Ёшгина эркак хотинининг нарсаларини сумкага жойлаштиряпти. У диққат билан ишлаяпти. Унинг юрагида тош бор. У, хотиним ёшгина бўла туриб ўлиб кетади, деб тасаввур ҳам қилмаган. Аммо саратон касаллигига тез чалиниб, касаллик тез ривожланди. Шкафнинг кўздан нари четида эр қутини кўриб қолади. Бу — хотинининг кўйлаги, бирон марта ҳам киймаган, тартиб билан тахланган, қоғозга ўроғлик. «Хотиним бу кўйлагини кийиш учун алоҳида муносабатни кутарди, — эслайди у, — доимо кутарди…»
Велосипед устида кетаётган бола синфдошлари тўпланиб турган томондан баланд овозларни, кулгуларни эшитади. Ҳар бир овоздан, ҳар бир кулгудан бола қалқиб тушади. У бошини эгганича, ғужанак бўлиб олади. Мактабдош ўртоқлари орасида унинг укаси ҳам бор. Болалар укасининг устидан кулишяпти. У укасини ҳимоя қилиши, унинг ёнини олиши кераклигини билади. Аммо… ўша болалар унинг синфдошлари, дўстлари. Улар бу ҳақда нима деб ўйлашади? Дўстларининг нима деб ўйлашлари муҳимроқ бўлгани учун у велосипедини буриб, нарироқ кетишга шошилади.
Эр қимматбаҳо тошлар билан безатилган аёлларнинг чиройли соатига боқиб, шундай ўйлайди: «Албатта хотиним шундай соати бўлишини истайди. Аммо бу соат жуда қиммат. У тежамкор аёл, тежамкор бека, тушунади. Бугун мана бу билагкузукни сотиб оламан: арзонроқ, соатни эса…соатни бошқа сафар сотиб оламан».
«Бошқа сафар» — хотамтой севгининг душмани. У алдаш санъатини мукаммал ўзлаштирган. «Қачондир кейинроқ» — унинг заҳар тилидан фақат шу сўзлар учади.
«Бошқа сафар таътилга борамиз…»
«Бошқа сафар телефон қиламан, гаплашамиз».
«Қачонлардир нима сабабдан банд бўлганимни болаларим тушунишади…»
Аммо сиз ҳақиқатни биласиз-ку. Ҳатто буни ёзиш ҳам керак эмас — сиз бу ҳақда мендан кўра яхшироқ биласиз.
Ўша «қачондир» ҳеч қачон бўлмаслиги мумкин.
«Тежамкорлик»нинг нархи эса баъзида барча режалаштирилмаган чиқимлардан баланд бўлади.
Аммо таваккал қилувчи севги доимо биз берганимиздан бир неча марта кўп бўлган дуолар билан мукофотланади.
Шундай экан, қадам ташланг, вақтингизни сарфланг. Хат ёзинг. Кечирим сўранг. Ташриф буюринг. Совға сотиб олинг. Айтилганларни қилинг. Агар ўзингизга берилган имкониятларни қўлдан бой бермасангиз, бу сизга қувонч келтиради. Агар бой берсангиз, кейин пушаймон бўлиб юрасиз.
Шимўнни катта мукофот кутарди. Яратганни ўз уйида қабул қилиш шарафи унга инъом қилинган эди. Унинг қилган иши ҳеч қачон унутилмайди. Шунингдек, Марямнинг иши ҳам сира унутилмайди. Масиҳ: «Қаерда бу хушхабар тарғиб қилинса, ўша ерда унинг номи эсланади», деб ваъда берди[33].
Шимўн ва Марям — ўз вақтида намоён бўлган ажойиб севгининг барҳаёт намунасидир.
Биз яна уддабурон Эдди ҳақида — ўғлининг келажаги бўлиш учун Ал — Капонега қарши гувоҳлик беришга журъат қилган чикаголик мафиоз ҳақида эслаймиз. Агар Эдди Батч улғайгунча умр кўрганда эди, ўғли билан ғурурланган бўларди. У Батчни Аннаполисга хизматга жўнатганларидан ғурурланган бўларди. Иккинчи жаҳон урушида унинг ўғли Ҳарбий-денгиз авиациясида хизмат қилганидан ғурурланган бўларди. У ўғли кўрсатган қаҳрамонликни эшитиб ғурурланган бўларди. Батч тунги жангда «Лексингтон» авионосецидаги юзлаб ўртоқларининг ҳаётини сақлаб қолиб, бешта душман қирувчи самолётини уриб туширди. Унинг пок номи оқланган эди. Батчга берилган конгресс медали бунинг далилидир.
Чикаго аҳолиси О-Хара номини тилга олганларида уларнинг хотирасига бандит эмас, балки учувчи-қаҳрамон келади. Сиз яна шу исмни эшитганингизда, ўйлаб кўришингиз учун яна нимадир бўлади. Таваккал севгининг ҳеч қачон сўлмайдиган мевалари ҳақида ўйлаб кўринг. Айни шу тўғрида яна бир гап: Эдди Охаранинг — виждонли одамга айланган бандитнинг ўғли шарафига ном берилган халқаро аэропортга бориб қолганингизда ўйлаб кўринг.
ЯКШАНБА
7-боб
Эшакдаги одам
Биз уйда эканимизда, биринчи бўлиб нима қилишимни ўзим биламан. Бундай пайтда мен бир одам билан танишган бўлардим. Сиз суҳбатлашиш учун Марямни ахтарган ёки қандайдир таълимий саволларни муҳокама қилиш учун ҳаворий Павлусни қидиришингиз мумкин. Мен сизга сал кейинроқ қўшиламан. Олдинига мен эшак эгаси билан танишмоқчиман.
Мен унинг исмини, ташқи қиёфасини билмайман. Мен биладиган ягона нарса — унинг нимани берганидир. У Қуддусга йўлга чиққан Исога ўша якшанба куни эшагини берди. «Рўпарангиздаги ҳов анов қишлоққа боринглар. Сизлар тез орада боғланган эшак билан хўтикчани топасизлар. Эшакни ечиб, Менга олиб келасизлар. Агар кимдир сизларга бирон нарса деса, унга: «Ҳазратимизга керак экан», деб айтинглар. Шундай қилиб, Исо уларни ўша зоҳоти жўнатди»[34].
Биз ҳаммамиз осмонга олинганимизда, мен шу одамни қидириб топаман. Ўшанда унга бир неча савол бермоқчиман.
Сен қаердан эдинг? Масиҳга сенинг эшагинг керак бўлиб қолишини қаердан билдинг? Бу сенинг кўзингга кўриндими? Сенга телеграмма келдими? Эҳтимол, ҳузурингга нўхат шўрва солинган коса ичидан фаришта чиқиб келгандир?
Буни қилиш қийин эдими? Масиҳ фойдаланиши мумкин бўлган нарсани Унга бериш қийин эдими? Мен шу саволларни бермоқчиман, чунки мен баъзида шу ишларни қилишга қийналаман. Баъзан ҳайвонларимни ёнимда ушлаб туришни истайман. Аммо Худо менга, бирон нарсангни Менга бер, деб даъват қилганда, ўзимни У нима истаётганини тушунмаганликка соламан.
Сен шундай пайтда нимани ҳис қилдинг? Масиҳни оғилхонангда шу пайтгача яшаган эшак эгари устида кўриб нимани ҳис қилдинг? Ғурурними? Ажабланишми? Ғазабми? Сен билармидинг? Сенинг сахийлигинг шундай буюк мақсадга хизмат қилишини тасаввур қилганмисан? Бир кун келиб Раббий сенинг эшагингни миниши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Тўртала хушхабар муаллифлари ўзларининг хушхабарларида сен тўғрингда ҳикоя қилишларини билганмисан? Орадан икки минг йил ўтиб жанубий Техаслик қизиқувчан бир воиз кечки пайт сенинг ишларинг ҳақида ўз- ўзига саволлар бериши ҳақида ҳеч ўйлаганмисан?
Мен бу ҳақда фикр юритганимда, ўзим ҳақимда ҳам ўйлаб қоламан. Баъзида Раббий, Менга фалон нарсани бер, деб менга даъват қилаётгандай туюлаверади. Аммо мен бундай қила олмайман, чунки бунга ҳеч ишончим йўқ. Кейин ўзим хафа бўламан, чунки шундай яхши имкониятни қўлдан берганимни тушунаман. Кўпинча У нимани хоҳлаётганини биламан. Аммо очкўзлигим ва худбинлигим учун Унга ўша нарсани бермайман. Баъзида эса — бу камдан-кам юз беради — мен Унинг овозини эшитаман ва Унга итоат этаман. Шунда берган нарсам Масиҳга ва Унинг ишига хизмат қилаётгани учун катта шараф эканини ўйлаб кетаман. Баъзида, бугун қилган майда-чуйда ишларим келажакда — мангуликда қандайдир аҳамиятга эга бўлармикан, деб ўйлайман. Эҳтимол, сизда ҳам баъзида шундай саволлар пайдо бўлар. Ҳар биримизнинг эшагимиз бор. Ҳар биримизда қандайдир нарса ёки қобилият борки, агар ўша нарсани Раббийга берсак, худди эшак сингари, Масиҳга ва Унинг ишига хизмат қилади. Эҳтимол, бу сизнинг куйлай олиш қобилиятингиздир. Балки бу кимнидир қучоқлай оладиган қўлларингиздир. Балки сиз яхши дастурчидирсиз. Ёки суахили тилини биларсиз. Ёки банк чекини ёзиб бера оларсиз.
Нима бўлишидан қатъий назар, бу — сизнинг эшагингиздир. Нима бўлмасин, сизнинг эшагингиз — Исоникидир. Эшак чиндан ҳам Уникидир. Сизда бор бўлган ҳадялар — Унинг ҳадяларидир. Қуддусга У миниб кирган эшак — Ўзининг эшагидир. Масиҳнинг шогирдларига айтган сўзлари бунга далил бўлиб хизмат қилади. Агар сиздан кимдир: «Нега ечяпсиз?» деб сўраса, унга шундай деб жавоб беринг: «У Раббийга керак».
Масиҳ ишлатган гап қандайдир шоҳ фармонида ишлатилиши мумкин. Илгари шундай қонун бўлган: бирон одамнинг нарсасини ёки хизматини шоҳ ё унинг вакили сўраса, сўралган нарса ўша зоҳоти тақдим қилиниши керак бўлган[35]. Ана шундай гапдан фойдаланиб, шундай талабни қўйиб Масиҳ худди шоҳга ўхшаб иш тутади. У Ўз фуқароларининг ҳар қандай мулкини хоҳлаганича ишлата оладиган шоҳ каби ҳукмронлик билан сўзлайди.
Шундай бўлиши мумкинки, Раббий сизнинг эшагингизда бошқа шаҳарга бормоқчи ёки бошқа халқнинг ҳузурига бормоқчи ёки кимнингдир юрагига йўл топмоқчи бўларди. Сиз унга шундай қилиши учун имкон берасизми? Сиз Унга эшагингизни берасизми ёки бермаслик йўлларини қидирасизми?
Масиҳга Ўз эшагини берган одам — буюк Раббийга ўзида бор бўлган нарсалардан ниманидир қайтарган одамлардан биридир. Муқаддас Ёзувда бизнинг кўз олдимизда Раббийга эшакларини берганларнинг кўпчилиги пайдо бўлади. Балки осмонларда ҳатто энг оддий нарсалар ва ҳодисалар ҳам Раббий қўлида ғайриоддий нарсаларга айланганига бағишланган алоҳида кўргазма бордир.
У ерни томоша қилиш имкониятини мен қўлдан бераман. Сиз экспонатлар оралаб юриб, Рахобанинг арқонига, ҳаворий Павлуснинг саватига, Довуд сопқонига ва қачонлардир Шимшўн қўлига ушлаган эшак жағига қаранг. Ҳассани ушлаб кўринг, унинг бир зарбаси билан денгиз иккига бўлинган ва қоядан сув отилиб чиққан эди. Масиҳнинг баданини юмшатган ва Унинг юрагига қувват берган хушбўй мойдан ҳидланг. Тўлқинлар келиб урилаётган қайиқ устида Исо ухлаган ёпинчиқни бошингизга қўйинг. Ҳайвонларга охур қилинган, худди чақалоқ терисидай юмшоқ ва силлиқ дарахтга қўл текизинг. Эҳтимол, сиз елкангизни, худди хоинга ўптираётгандай, совуқ римликнинг хочи тутқичи тагига тутмоқчи бўларсиз. У ерда бу нарсалар бўладими ёки йўқми — билмайман. Аммо ишонаманки, у ерда шу нарсаларга боғланган одамлар албатта бўладилар. У ерда таваккал қилишга тайёр одамлар бўлади; айғоқчиларни яширган Рахоба, ҳаворий Павлус душманларидан қутулиши учун ёрдам берган тақводор биродарлар. У ерда ғолиблар бўлади: сопқонини айлантираётган Довуд, қўлида эшак жағини ушлаб олган Шимшўн, ҳассасини кўтариб турган Мусо.
Уларнинг ғамхўр ёрдамчилари ҳам бўлади: Масиҳнинг оёқлари остида ўтирган Марям, у Исога берган нарса — катта пул турарди. Аммо қизга нимадир: «Исонинг сенга бергани — сен берганингдан қимматроқдир», деб тургандай бўларди. Биз исмини билмайдиган ва қайиқда Раббий ётиб, ухласин, деб жой тайёрлаб берган шогирд Виа эса Долорос йўли четидан бораётган қизиқувчан йўловчи. Балки нима юз бераётганини у тушунмагандир. У фақат Исонинг қонга бўялган ва яраланган кифтини кўрди, Исо хочни ортиқ кўтариб бора олмаслигини тушуниб етди. Вианинг эса кучи етарди. Шунинг учун аскар у томонга қўли билан ишора қилганда, бу одам яқин келди ва хочни елкасига ортди.
Бу одамларнинг ҳаммасини кўзга кўринмас биродарлик иплари боғлаб туради. Ўзларининг ҳамма мулкини Раббийники деб ҳисоблаган, мулкининг ҳаммасини Унга беришга тайёр турган содиқ уй бошқарувчилари, ўзлари парвариш қиладиган ерлари ва узумзорлари кимга тегишли эканлигини унутмаган шароб ишлаб чиқарадиганлар. Уларнинг ўқишлари учун Ким пул тўлашини унутмайдиган содиқ шогирдлар. Мана шулар қаторида турадиган яна бир одам бор. У–ХIХ асрда яшаган якшанба мактаби ўқитувчиси. У бир куни Масиҳга Бостон шаҳридаги пойафзал дўконининг сотувчисини олиб келди. Ўқитувчининг исми Кимбелл эди. Сиз у ҳақда ҳеч қачон эшитмагандирсиз. Аммо унинг ёрдамида Масиҳга имон келтирган ёш пойафзал сотувчисининг исмини кўпчилик билади: у Дуайт Мооди. Мооди хушхабарни тарғиб қила бошлади ва Фредерик Мейер исмли ёш йигитга катта таъсир ўказди. Мейер талабалар шаҳарчаларида хушхабарни тарқата бошлади ва унинг фаолияти туфайли Раббийга эътиқод қилганлардан бири Ж. Уилбер Чепмен бўлди. Чепмен ёш масиҳийлар иттифоқининг фаолиятида иштирок қилиб, Шарлотта шаҳрида (Шимолий Каролина штати) машҳур бейсболчи Билли Сандей иштирокида руҳий уйғониш масиҳийлик фестивалини ташкил қилди. Шарлотта шаҳридаги масиҳийлик жамоалари йўлбошчиларига бу шунчалик маъқул келдики, улар яна бир шундай фестивал ташкил қилдилар. Бу фестивалда Мардохай Хэмм ваъз қилди. Иккинчи фестивал пайтида Билли Грэм исмли ёш йигит Масиҳга имон келтирди.
Бостондаги Якшанба мактаби ўқитувчиси ўзининг пойафзал сотувчиси билан ўтказган суҳбатлари қандай натижалар бериши мумкинлигини тасаввур қилганмикан? Йўқ, у ҳам, худди эшакнинг эгаси каби, бошқа одамнинг қалбига Масиҳнинг кириши учун ёрдам бериш имкониятини кўрди ва ёрдам ҳам берди.
Бундан бир неча йил илгари мен Гавайяда хушхабарни тарғиб қилишда иштирок этдим. (Охир оқибатда ҳамма унутган бу жойларга кимдир бориши керак-ку.) Биз уйма-уй юриб, одамларни кечки йиғилишларга таклиф қилардик. Кўпчилик хушмуомала эдию аммо йиғилишларга бориш нияти йўқ эди. Уларнинг биронтаси бизни ҳайдаб юбормаган бўлса-да, уйларига ҳам таклиф қилишмасди. Ниҳоят, юзларидан миннатдорчилик туйғулари ёғилиб турган аёлни учратдик. Муқаддас Ёзув бу аёл ҳақида эслатмаганлигининг сабаби — унинг икки минг йил кейин туғилгани эди.
Мен у аёлнинг исмини эслаб қола олмадим, аммо чеҳраси худди бизга инъом қилган совғалари каби ҳали ҳамон эсимда.
Йиллар юки остида қадди букилган жиккакина кекса осиёлик аёл. У тирикчилик ўтказиш учун соҳилдаги кўплаб меҳмонхоналарда фаррош бўлиб ишларди. Биз одамларга Масиҳга бўлган эътиқод ҳақида сўзлаб бермоқчи эканимизни билиб, уйига таклиф қилди. Аёл ўзи билан бирга ишлайдиган одамларга хушхабарни тарқатиш қандай ҳаракат қилаётганлигини кўришимизни хоҳларди. Биз аёлнинг уйидаги ичкари хоналардан бирига кирганимизда, устига турли нақш ўйиш асбоб-ускуналари қўйилган катта столни кўрдик. Булардан ташқари, стол устида елим бўёқ солинган идишлар ва расм қўядиган ёғоч рамкалар бор эди. Столининг устидаги энг кўп жойни очиқ китоб шаклида ясалган ёғоч буюмлар эгаллаган эди.
Аёл бизга ўқишни билмаслигини айтди. Шунинг учун у Муқаддас Китобни ўқиш ва таҳлил қилиш учун учрашувлар ўтказиши қийин эди. Унинг ойлик маоши ҳомийлик билан шуғулланишга етмасди. Шу боис қачонлардир майда-чуйда буюмлар ясашни ўрганиб олган эди. Ҳозирда шу буюмлар ёрдамида дўстларига Масиҳни тарғиб қилишга ҳаракат қилаётган экан. Ҳаммаси оддий эди: ёғочи китобнинг бир саҳифасига у «Полароид»да қилинган дўстларининг расмини, кейинги саҳифасига эса Муқаддас Китобдан оятни ёпиштирган.
Бунда нима маъно бор? «Одамлар, — деб ўйларди у, — ўзларининг суратларига қарашни яхши кўрадилар». Аёлнинг кўпчилик танишлари камбағаллар эди. Уларнинг уйлари деворларига, одатда, гулқоғоз ёпиштирилган бўлади, холос. Аёл эса уларга Муқаддас Китоб оятларини ҳадя қилди. Улар бу оятларни деворларга осиб қўйишар ва ҳар куни оятларга кўзлари тушарди. Ким билади, бундан бир маъни чиқармикан?
Буни Худо билади. У далаларга экилган ва зўрға кўзга ташланадиган уруғдан мўл-кўл ҳосил олади. Ана у ўтирибди — араваларда эмас, гўзал жанговар отларда ҳам эмас — балки оддий эшак устида.
Агар мен бу гавайлик аёлни сўроққа тутаверганимда эди, у менга шундай деган бўларди: «Албатта, биз доимо Унга керакмиз. Биз Унинг оғзимиз. Биз Унинг қўлларимиз. Унинг юзлари шундай буюк шарафдан ял-ял ёнганини кўраман, бу — унинг ҳадяларини Шоҳ қабул қилгани учундир».
Мен ундан: «Ўзингнинг нарсангни беришинг қийинми?» деб сўрашимга ҳам ҳожат йўқ эди. Жавобни унинг чеҳрасидаги жилмайишдан билиб олишим мумкин эди.
Ва охирги савол… Йўқ, бу ҳақда ҳам сўрашнинг кераги йўқ. «Нима деб ўйлайсиз, орадан 2000 йил ўтгач…» Аммо буни қаердан ҳам билиш мумкин? Ахир, эшакнинг эгаси ҳам буни билмаган-ку! Шимшўн ҳам, Мусо ҳам, Рахоба ҳам билмаганлари каби. Бу ҳақда пойафзал сотувчиси ҳам билмаган, бу ҳақда биз ҳам билмаймиз. Майда, кўзга аранг ташланадиган уруғни экувчиларнинг биронтаси ҳам бу уруғлар қанча ҳосил беришини билмайдилар.
Агар осмонларда Довуднинг сопқони, Мусонинг ҳассаси ва эшак тизгини билан бир қаторда, сиз полороиддан қилинган расм билан Муқаддас Китобдан олинган оят ёпиштирилган ёғоч китобни кўрсангиз, ҳеч ҳам ҳайрон бўлманг.
ДУШАНБА
8-боб
Савдогарлар ва кўзбўямачилар
Тез лақабли Моррис деган йигит Лассал университетидаги баскетбол командасининг мураббийси эди. Бир куни у ваннахонада соқолини олаётган эди, хотини телефонга чақириб қолди. У билан машҳур «Спротсиллюстритайтед» журналининг вакили гаплашмоқчи экан. Моррис журналда мақоласи чиққандан кейин, шуҳрати ошиб, машҳур бўлиб бораётганини хаёлига келтирдию асабийлашиб, соқол олаётганда, юзини кесиб олди. Телефон қилаётган одамни куттиришни истамай, ваннахонадан югуриб чиқди ва оёғи тойиб кетди, кейин мувозанатини йўқотиб, зинадан пастга думалаб кетди. Оқсоқланиб, юзлари қонга ва совунга беланиб, ниҳоят, телефон ёнига келди. Сўнг телефон трубкасини олиб: «Ҳа, ҳа, эшитаман, бу «Спротсиллюстритайтед»ми?» Нариги томондан: «Ҳа, «Спротсиллюстритайтед», агар сиз бугун бир йилга обуна бўлсангиз, сизга жуда арзон тушади, журналнинг ҳар бир сони сизга 75 центга тушади, холос»[36] деган бефарқ овозни эшитганда, Моррис қандай аҳволга тушганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз.
Ўзингни алданган ҳис қилиш жуда қайғули. «Менга эътиборли» деб ўйлаган одамингиз ҳақиқатда сизнинг пулларингизни ўйлаганда, бунга кўникишингиз жуда қийин. Реклама агентликлари ва сотувчилар ўзларини шундай тутганларида бу янада жаҳлингизни чиқаради. Аммо тақводорлар шундай қилсалар, уларнинг қилмишлари бундан ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Қайғули, аммо рост: кўпчилик эътиқодга бойиш ва жамиятга катта нуфузга эга бўлиш омили деб қарайди. Натижада атрофдагилар уларнинг қурбонларига айланадилар. Бундан эса Худо ғазабланади.
Менимча, бу ҳодисани намоён қиладиган энг ёрқин мисол — Қуддус Маъбадида юз берган воқеадир. «Исо Қуддусга кириб, Маъбадга борди, ҳамма нарсани кўздан кечирди. Кун кеч бўлиб қолганидан, ўн икки шогирди билан Байтания қишлоғига йўл олди»[37].
Англадингизми? Масиҳ Қуддусда борган биринчи жой Маъбад бўлди. Энди Уни кутиб олишди ва шоҳона иззат-ҳурмат билан шаҳар кўчаларидан кузатиб боришди. Ўша куни якшанба — Фисиҳ байрамининг биринчи куни эди. Юз минглаб одамлар тош кўчаларга чиққан эди. Саёҳатчилар оқими бозор майдони томон оқиб борарди. Исо кечки пайт ҳар жойда йиғилиб турган одамлар орасидан ўтиб, Маъбадга кирди, атрофни кўздан кечириб, қайтиб чиқди.
Исо Маъбадда нимани кўрганини билмоқчимисиз? Ундай ҳолда Исо душанба куни Маъбадга қайтиб келиб, нима қилгани ҳақида ўқишимиз керак:
Исо Маъбадга кирди. У ерда савдо-сотиқ қилаётганларни қувди, пул алмаштирувчиларнинг хонтахталарини, каптар сотаётганларнинг курсиларини ағдариб юборди. Исо уларга деди: Тавротда: «Менинг уйим ибодат уйи деб ном олади», деб ёзилган. Аммо сизлар уни қароқчилар уясига айлантириб юборибсизлар![38]
Исо Маъбадда нимани кўрди? Савдогарларни, одамларнинг эътиқоди орқали бойлик тўплайдиган ишбилармонларни кўрди. Нега У ғазабланди? У душанба куни уйғониб, биринчи навбатда нима ҳақда ўйлади? Бошқаларнинг эътиқодини ўзлари учун даромадли ишга айлантирган одамлар ҳақида.
Фисиҳ байрами ҳафтаси эди. Фисиҳ яҳудийлар йилномасида бошқа бирон нарса билан солиштириб бўлмайдиган алоҳида аҳамиятга эга. Одамлар узоқ вилоятлардан, ҳатто бошқа мамлакатлардан байрамда иштирок этиш учун келишади. Ташриф буюрган одам қуйидаги икки талабни бажариши керак эди:
Биринчидан, қурбонлик қилиши шарт бўлган, каптарлар қурбонлик қилинадиган асосий жонивор бўлган эди. Каптар нуқсонсиз бўлиши лозим. Албатта, каптар ёки бошқа қурбонлик қилинадиган ҳайвонни зиёратчилар ўзлари билан олиб келишлари мумкин эди. Аммо маъбад хизматчилари қурбонликка яроқсиз деб баҳона қилишлари мумкин эди-да. Маросимнинг поклиги ҳақида ғамхўрликни баҳона қилиб, хизматчилар ўзларининг каптарларини сотардилар.
Иккинчидан, солиқ — Маъбадга тўланадиган тўлов тўлаши керак эди. Яҳудийлар ҳар йили Маъбад хазинасига (албатта, маҳаллий пулда) солиқ тўлашлари керак эди. Фисиҳни нишонлаш учун бошқа мамлакатлардан кўп одамлар келишлари билан пул алмаштирувчилар Маъбад ҳудудига хонтахталарини қўйиб, бошқа мамлакатлар пулларини Маъбад шақалларига алмаштиришни таклиф қилардилар. Албатта, хизматлари учун камтарона ҳақ олишарди. Мана Исо нимадан ғазабланганини тушуниш энди қийин эмас.
Зиёратчилар узоқ йўл босиб, Худони кўриш, Унинг муқаддаслигига, унинг буюклигига сажда қилиш учун келишарди. Аммо Худо ҳузурига киришдан олдин улар қандай қилиб кўпроқ пул шилиб олишга ҳаракат қилаётган виждонсиз одамларнинг қўлига тушишарди. Оқибатда, ҳамма нарса ўзгариб кетарди.
Худонинг ғазабини келтиришни хоҳлайсизми? Ундай ҳолда Худони ахтараётганларга ҳалақит беринг. Ўзингизда Худонинг ғазабини синаб кўрмоқчимисиз? Худо номини рўкач қилиб, бойлик орттиришга ҳаракат қилинг. Эътиқодни савдога айлантирадиганлар Худонинг ғазаби билан ўйнашяптилар.
«Мен бунга бошқа тоқат қила олмайман» — Масиҳнинг юзида шундай ёзилган эди. У, худди довул каби, атрофда учиб юрган ва қанотларини қоқаётган каптарларга тўла Маъбадга кириб, савдогарлар ва пул алмаштирувчиларнинг хонтахталарини ағдариб ташлади. Юз берган тўполонда сотувчилар кўздан яширинишга шошилдилар.
Юз берган ҳодисанинг сабаби ёлғондакам туйғу ёки ғазаб хуружи эмас эди. Масиҳ бу ишни ўйлаб қилди. Пул алмаштирувчиларни Исо бир кун олдин кўрганди. Кечқурун У ухлаётганда, кўз олдида савдогарларнинг расталари, қулоқлари остида эса уларнинг қичқириқлари турарди. Эртаси куни Исо уйғонганда, умри охирлаганини билди ва қатъият билан: «Сизлар менинг халқим ҳисобига бойияпсизлар, бу ишингиз учун жавоб берасизлар», деб айтишга қарор қилди. Худога сажда қилишни хоҳловчилардан пул таъма қилиб, чўнтакларини тўлдирадиганлар ҳеч қачон Худо олдида ўзларини оқлай олмайдилар.
Бундан бир неча йил илгари мен Майоми аэропортида бир дўстимни кутиб олишим керак эди. Кутиш залида бир қиз менинг диққатимни тортди. Унинг ташқи қиёфаси қайсидир Шарқ эътиқодига тааллуқлилигини билдириб турарди: қўлида тасбеҳ, оёғида шиппак, юзида қотиб қолган жилмайиш, китоб тўла сумка.
— Сэр, — мурожаат қилди у менга (ёнимдан ўтиб кетиши мумкин эди).
— Сэр. Бир дақиқага тўхтанг…Майли, самолёт барибир кечикяпти, шундай экан, менинг ҳам вақтим бор (ёнидан ўтиб кетишим керак эди).
Мен тўхтадим, у эса ёдлаб олган нутқини бошлади. Қиз ўқитувчи эканини, унинг мактаби ҳозир юбилейни нишонлаётганини айтиб берди. Шу сана муносабати билан улар ўзларининг фалсафий қарашлари моҳиятини талқин қиладиган китобларни тарқатишяпти. У қўлимга қалин муқовали китобни тутқазди. Китоб муқовасида нилуфар гулли шаклда устознамо одам тасвирланган эди. Мен қизга миннатдорчилик билдириб, йўлимда давом этдим.
— Сэр. — Мен тўхтадим ва шундай бўлишини билардим.
— Мактабимиз жамғармасига хайр-эҳсон қилишни истайсизми?
— Йўқ, — жавоб бердим мен, — китоб учун эса раҳмат.
Мен йўлимда давом этдим. Қиз эса кетимдан қолмасди. Охири, у елкамга туртди:
— Сэр, одатда биздан китоб олганлар ҳадя бериб, миннатдорчилик билдиришга ҳаракат қилишади.
— Жуда яхши, — деб жавоб бердим мен, — аммо мен бундай қилмоқчи эмасман. Яна бир марта китоб учун раҳмат.
— Сэр, — деди қиз ичида қоғоз пуллар ва тангалар тўла сумкани очиб кўрсатиб, — агар сизнинг миннатдорчилигингиз самимий бўлганда эди, албатта садақа берган бўлардингиз.
Бу — пасткашлик, ҳақорат ва қабиҳлик эди. Одатда мен пичинг қилмайман, аммо ҳозир ўзимни тутиб тура олмадим:
— Эҳтимол, шундайдир, аммо сиз самимий бўлганингизда эди, олдин совға бериб, кейин у учун пул талаб қилмасдингиз.
Қиз китобни қайтиб олиш учун қўлини чўзди. Мен эса қўлтиғимга китобни қаттиқроқ қисиб, йўлимда давом этдим.
Катта товламачилик устидан кичкина ғалаба.
Афсуски, товламачилар мағлуб бўлишдан кўра кўпроқ ғалаба қиладилар. Яна бир афсусли жойи — улар ўзларини аксарият ҳолларда шарқ таълимоти вакиллари деб эмас, масиҳийлар деб таништирадилар.
Сиз, шубҳасиз, улар билан учрашгансиз. Уларнинг сўзлари ширин, улар ишонтира оладилар, ҳеч нарса сизни уларнинг самимийлигидан шубҳаланишга мажбур қила олмайди. Улар сизга телевизор экранларидан туриб мурожаат қиладилар. Уларнинг овозларини сиз радиодан эшитасиз. Эҳтимол, улар жамоат минбаридан туриб ҳам гапирсалар керак.
Келинг, сиз билан очиқчасига гаплашиб олайлик — эътиқод шиорлари ортига биқиниб олган товламачиларга қарши курашиш вақти етиб келди. Бу кумушсевар одамлар масиҳий деган эзгу номга доғ туширяптилар. Улар меҳробларни ҳаром қиляптилар, жамоатхона деразаларининг ойналарини синдиряптилар. Улар ишонган одамларни лақиллатиб кетяптилар. Уларнинг истаклари — Худога хизмат қилиш эмас, балки очкўзликларини қондиришдир. Уларни Муқаддас Руҳ еткаламаяпти, балки такаббурлик етаклаяпти.Улар ширин сўзли товламачилар, масиҳийликнинг моҳияти ҳақида жиддий фикрлашга қодир эмаслар. Пул учун улар тўғри таълимотни нотўғри қилиб кўрсатишга, одамлар онгини нотўғри таълимотларга тўлдиришга ҳам тайёрдирлар. Бизнинг Худойимиз уларнинг башараларини очиб берди — сиз билан биз ҳам шундай йўл тутишимиз керак.
Биз буни қандай амалга оширишимиз мумкин? Уларни таний олишимизнинг ўзи етарли. Уларнинг иккита фарқли хусусиятлари бор.
Биринчидан, улар учун Масиҳдан кўра ўзларининг манфаатлари муҳимроқ. Критдаги жамоатда ишонувчан одамлар ҳисобига яшайдиганлар бор эди. Павлус улар ҳақида жуда тўғри айтган. Улар жирканч манфаат йўлида лозим бўлмаган нарсаларни ўргатиб, бутун оилаларни бузиб кетмоқдалар[39].
Телевизорда хушхабар тарқатувчининг сўзларига қулоқ солинг. Радиода чиқиш қилаётган воизнинг сўзларини ўйлаб кўринг. Улар нима ҳақда гапираётганига эътибор беринг. Уларни нима ташвишга соляпти? Сизнинг нажот топишингизми ёки ўзларининг молиявий аҳволларими? Уларнинг сўзларини кузатинг: пул ҳақида улар неча марта гапиряптилар? Агар сизнинг садақаларингиз эвазига улар соғлик ва фаровонлик ваъда қилсалар ёки садақа беришдан бош тортсангиз, дўзах оловига тушасиз, деб айтсалар, яхшиси телевизорни ёки радиони ўчириб қўйинг, уларнинг гапларини эшитманг.
Иккинчидан, улар эътиқодга даъват қилиш ўрнига деворлар, тўсиқлар яратиш ҳақида кўпроқ ўйлайдилар.
Худди шундай нарса тиббиётда ҳам бўлади. Баъзи тиббиёт ходимлари мижозларининг бошқа шифокорлардан маслаҳат олишларини ёки улардан тавсия қилинган дорилар ҳақида сўрашларини ёқтирмайдилар. Эътиқод товламачилари ўзларини «анъанавий», «расмий», жамоат томонидан ўз жасурликлари ва муросасизликлари учун рад қилинган кашшофлар қилиб кўрсатадилар. Ҳақиқатда эса улар — овга чиққан ёлғиз бўрилардир. Улар ишончингизни қозониб, иссиқ ўринга ўрнашиб олмоқчи бўладилар. Ўз эътиқодларининг «ноёблиги» — уларнинг асосий қуролидир. Фақат улар сизга муҳтож бўлган нарсангизни бера оладилар. Фақат уларнинг таълимотлари сизнинг барча муаммоларингизни ҳал қилади. Зиёратчилар ўзлари билан олиб келган каптарларни каптар сотувчилар ёмон кўрганлари каби, бу товламачилар ҳам уларнинг ўзлари эмас, бошқалар ўргатадиган таълимотни ёқтирмайдилар.
Улар содиқ қурбонлик келтирувчилардан ишончли мижозлар гуруҳини яратишга интиладилар. «Эй биродарларим, сизларни ўрганган таълимотингиздан айнитиб, нифоқ ва ғулғулага сабаб бўладиган кишилардан эҳтиёт бўлишингизни ўтиниб сўрайман; улардан ўзингизни четга олинглар. Чунки бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳга эмас, балки ўз қоринларига хизмат қиладилар. Софдил одамларнинг кўнглини ширин сўзлар ва тилёғламалик билан овлайдилар»[40].
Масиҳ ўша душанбада жуда ғазабланган эди. Шунинг учун ҳам мен ҳеч виждоним қийналмасдан сизга бундай одамларни фош қилишни маслаҳат бераман. Худо кўп йиллар давомида ўзларининг шарафига миноралар қурган вайсақиларнинг оғизларини ёпиб келди. Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Биз ҳам шундай қилмасак, воқеа яна такрорланиши мумкин.
Бу биринчи марта юз берганда, ҳеч ким бундай бўлишини кутмаган эди, айниқса гап жамоат устида кетганда. Бу — намунали жамоат эди (агар шундай деб айтиш мумкин бўлса). Сузиш ҳавзаси камбағал оилаларнинг болалари чўмилишлари учун мўлжалланган эди. Шаҳарлик болалар учун отда учиш ўйинлари тайёрланарди. Жамоат талабаларга моддий ёрдам бериб турар, қариялар уйларини таъминларди. Бундан ташқари, уйсиз ҳайвонлар учун жамоат оғилхонаси, кичик поликлиника, гиёҳвандларга ёрдам бериш маркази бор эди.
Уолтер Мондейл бу жамоат қавмбошисининг қилган иши «художўйларни руҳлантирди», деб ёзади. Ҳатто соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ривожланиш вазири бу қавмбошининг мислсиз роли ҳақида шундай дейди: «…у одамларга умид бера олади, у муҳтожлар учун қайғуради, у қамоқдагиларнинг ва ёш қонунбузарларнинг қалблари ҳақида ўйлайди. У ишга жойлаштириш бюросини, қайта тиклаш марказларини, қариялар уйларини ташкил қилди, шифохона, касбий қайта тайёрлов курслари, бупул юридик консультация ҳамда маданий марказ очди. У Худони тарғиб қиларди. У ҳатто ажиналарни ҳайдайди, мўъжизалар кўрсатади, хасталарга шифо беради, деб айтадилар»[41].
Баландпарвоз сўзлар. Буюк руҳий раҳнамо ва унинг жамоатига ҳар томонлама мадҳия. Ҳозир қани шу художўйлар? Ҳозир шу жамоатга нима бўлди?
Бу жамоат ўлик, бунинг устига… чиндан ҳам ўлик.
Ўша куни қавмбоши мажлислар залига жамоат аъзоларини йиғди. Жамоат аъзолари қавмбошининг овозини баланд қилиб узатувчи асбобдан мафтункор овозини эшитиб туришарди. Қавмбоши катта креслосида ўтирар, ўлимнинг ажойиблиги, одамлар ўлганларидан кейин яна учрашишлари нақадар ажойиблиги тўғрисида сўзларди. Одамларни қуролланган соқчилар ўраб олишди. Залга заҳар қўшилган ичимлик тўла идишни олиб киришди. Ибодат қилганларнинг аксарияти заррача қаршилик кўрсатмасдан заҳар ичишди. Қаршилик кўрсатганларга эса мажбурлаб ичиришди.
Олдинига заҳарни саксондан ортиқ болаларга ва чақалоқларга ичиришди. Шундан кейин ёши катталарга навбат етди, аёллар, эркаклар, йўлбошчилар ва оддий издошлар; ниҳоят, навбат қавмбошининг ўзига етди.
Залга қисқа вақт сукунат чўкди. Кейин бирдан талваса бошланди ва Гайана осмонига нолаю фиғон кўтарилди. Одамларни ваҳима қамраб олди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, ҳаммаси тамом бўлди. «Масиҳийлик ибодатхонаси»нинг ҳамма аъзолари дунёдан кўз юмдилар, жумладан, уларнинг йўлбошчиси Жим Жонс ҳам. Уни эслаб қолинг. Улар 780 киши эдилар. Огоҳ бўлинг: Худонинг уйида қўллари ва диллари нопок одамлар бор. Уларнинг ташқи кўринишларига қараб адашманг. Уларнинг сўзларига алданиб қолманг. Эътиборли бўлинг: Масиҳ нима учун Маъбадни тозалаганини эсдан чиқарманг. Кимки, ибодатхона ҳаммадан яқин бўлиб, аслида, ундан жуда узоқ бўлиши ҳам мумкин.
9-боб
Орзу қилиш жасорати
Ханс Боблингер Ульм шаҳридан учишни орзу қиларди. У ернинг тортишиш кучини енгишни ва худди қуш каби учишни истарди. Аммо битта муаммо бор эди: Ханс ҳали ХVI асрда яшаётган эди. Ҳали на самолёт, на вертолёт, на бирон учиш аппарати бор эди. У анча олдин туғилган хаёлпараст эди. У истаган нарсанинг сира имкони йўқ.
Ханс Боблингер эса имкони йўқ ишни амалга оширишда бошқаларга ёрдам беришни ҳаётининг мазмуни деб билди. У протезлар ясарди. Ўша пайтларда оёқ-қўлларни кесиб ташлаш — жароҳатларни даволашнинг кенг тарқалган усули эди. Шунинг учун унинг иши кўп эди. У майиб-мажруҳ одамларга юзага келган вазиятлардан ғолиб чиқиш учун ёрдам берарди. Унинг ўзи ҳам айнан шуни хоҳларди.
Вақти келиб, эгаллаган билимлари асосида қанотлар ясади. Тез орада бу қанотларни Бавариядаги Альп тоғлари ён бағирларида синаб кўрадиган кунлар келди. Учиш жойини у тўғри ва муваффақият билан танлаганди. Чунки бу жойда ҳавонинг чиқиш оқимлари кучли эди. Ўша унутилмас қуёшли кунда Ханс дўстларининг кўз ўнгида тепаликдан сакради ва соғ-саломат ерга қўнди. Унинг юраги тез урарди. Дўстлари қарсак чалишди. Худо ҳам мамнун эди.
Дарвоқе, Худонинг қувонаётганини мен қаердан биламан? Чунки биз орзуларга берилганимизда, Худо мамнун бўлади. Биз орзу қилганимизда, Худога ўхшаб кетамиз. Масиҳни ҳар қандай янгилик завқлантиради. У эскирган нарсани янгилаб, ҳузур-ҳаловат олади. У ҳатто барча имконсиз нарсаларнинг имкони борлиги ҳақида китоб ҳам ёзди. Сизга намуна керакми? Китобни варақланг. 80 ёшли чўпонлар одатда, фиръавнларга шарт қўймайдилар. Аммо бу тўғрида Мусога айтманг.
Одатда ўсмир чўпонлар девлар билан курашмайдилар. Аммо бу тўғрида Довудга ҳикоя қилманг.
Тунда далада қўйларни қўриқлаётган чўпонлар одатда фаришталар қўшиғини эшитмайдилар, моллар охурида ётган Раббийни кўрмайдилар. ...Аммо Байтлаҳмлик чўпонларни бунга ишонтиришга уринманг.
Қолаверса, Раббийни бунга ишонтиришга уриниш умуман бефойда. Абадият давомида Раббий ерда судралиб юриш учун туғилганларга қанот бериш билан шуғулланадилар. Шу қанотларни кимлардир қирқиб, уларни майиб-мажруҳ қилганларида, Раббий ғазабланади. Айнан шу мавзудаги ҳикояда мевасиз анжир дарахти ва денгизга қўпорилиб отилган тоғ ҳақида айтилади.
Масиҳ билан Унинг шогирдлари Байтанияда тунаб, душанба куни эрталаб Қуддусга жўнашди. Масиҳ оч қолди. Бир пайт йўл четидаги анжир дарахтига кўзи тушди. У анжирга яқинлашиб қарасаки, унинг барглари ниҳоятда кўпу биронта меваси йўқ экан. Бу анжир дарахтининг нимасидир Унга яқинда Маъбадда кўргани ва кейинроқ Қуддусда қилмоқчи бўлган ишини эслатди[42]. Шундай қилиб, у анжир дарахтини: «Бундан буён сенда мева битмасин», деб лаънатлади. Анжир дарахти шу зоҳоти қуриб қолди. Эртасига — сешанба куни шогирдлар анжир дарахтининг қуриб қолганини кўриб, ҳайрон қолишди. Бир кун олдин бу дарахт бақувват, барглари кўм-кўк эди. Энди эса барглари қуриб, тўкилиб қолганди.
«Бу қандай юз берди, анжир шунчалик тез қуриб қолдими?» деб сўрашди улар. Масиҳ шогирдларига шундай жавоб берди:
«Сизларга шуни айтай: агар имонингиз бўлса ва иккиланмасангиз, фақат анжир дарахти билан юз берган воқеанигина қилиб қолмайсиз, балки анови тоққа: «Қўпорилиб, денгизга отил!» деб айтсангиз, айтганингиз бажо бўлади.Ишонч билан ибодат қилиб нимани сўрасангиз, оласиз»[43].
Хушхабарнинг бу оятларида сиз «орзу қилиш», «учиш», ёки «қанотлар» деган сўзларни топмайсиз. Аммо оятларни диққат билан ўқисангиз, Раббий дунёдаги барча Беблингерларни қояга чиқишга ва қанотларини синаб кўришга даъват қилаётганини кўрасиз. Шу билан бирга, Раббий хаёлпарастларни қафасга ўтқазиб, калитини чўнтагига беркитганлар устидан қанчалик нафрат билан кулишини кўрасиз.
Қуддус йўлида оч қолган Масиҳ анжир дарахтининг ёнига келиб, мевасини қидиради. Аммо мева топа олмайди. Дарахт худди меваси кўпдай гуллаб-яшнаётгандай эди. Аммо бу қуп-қуруқ ваъда эди. Натижаси сохта бўлиб чиққан қуюқ ваъдалар. Масиҳ ана шундай ёрқин ва рамзий намуна ёнидан бемалол ўтиб кета олмади.
Душанба куни эрталаб Масиҳ бир неча соат кейин Маъбадда қиладиган ишини дарахт билан қилади: У анжир дарахтини лаънатлайди. Эътибор беринг: У анжир дарахтидан ғазабланмайди, Унинг ғазаби дарахт нимани ифодалашига қаратилган. Мақсадсиз, лоқайд тақводорлардан Масиҳ нарфатланади. Улар мева бермайдилар. Масиҳнинг иши — пуч, расмий эътиқод бўйнига тушаётган жодунинг пичоғидир. Ана шундай эътиқоднинг ёрқин намунасини биз Ленадокия жамоатида кўришимиз мумкин. У ҳакда азиз пир Юҳанно Ваҳий китобида ҳикоя қилади. Бу Жамоат бой ва ўзига тўқ. Аммо энг ёмони шуки, у пуч ва мевасиздир. «Сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. О, қани эди ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг! Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун сени оғзимдан чиқариб юбораман»[44].
Аслида охирги гап қусиш ҳақида боряпти. Нега бизнинг танамиз қусиш билан жавоб беради? Нега у ўзида нималарнингдир бўлишига шундай қаршилик қилади? Чунки улар организмнинг ҳаётий фаолиятига мос эмас. Қусиш — тана кучи етмаган нарсани рад қилишидир.
Бу гапнинг маъноси нимада? Оллоҳ илимилиқ эътиқодни жуда ёмон кўради. У самара бермайдиган ташқи, ясама эътиқодни кўрганда, ғазабланади. Худди шундай эътиқодга Масиҳ Ўзининг заминдаги ҳаётининг сўнгги ҳафтасида дуч келди. Умуман олганда, Масиҳ бутун хизмати давомида бундай воқеаларга кўп дуч келди. Одамлар Масиҳнинг ишларида ҳақиқий хизмат тимсолини кўрганларида, улар Масиҳни қораладилар.
Масиҳнинг шогирдлари Дам олиш кунида буғдой бошоғини узиб еганлари учун, одамлар уларни қораладилар. Масиҳ дам олиш кунида беморларни даволаганлари учун, одамлар Ундан ғазабланганлар. Масиҳ «кераксиз» одамларни кечиргани учун, одамлар Уни ёмон кўрганлар. Масиҳ жамиятдаги чиқит одамлар билан мулоқот қилгани учун, болаларга (ўша одамларнинг фикрича) ёмон таъсир кўрсатгани учун, одамлар Ундан ғазабланганлар. Аммо энг ёмони шуки, ҳар гал У кимгадир нажот бермоқчи бўлганда, руҳий раҳнамолар яна шу одамни боғлаб, қул қилишга ҳаракат қилганлар. Маъбадга яқин бўлганлар эса кишанлару занжирлардан усталик билан фойдаланганлар. Қандайдир жасур одам учишга ҳаракат қилганда, улар дарҳол бунинг имкони йўқ, деб тайёр турганлар.
Айтгандай, Ханс Боблингерга ҳам улар худди шундай деганлар. Ханс Боблингер қирол Ульмни ўз ташрифи билан бахтиёр қилиши керак эди. Епископ билан шаҳарликлар унда эсда қоладиган таассурот қолдирмоқчи бўлишди. Улар Ханснинг муваффақиятли парвози ҳақида эшитишган эди. Улар Хансдан, қирол ҳузурида ҳам ҳавода парвоз қилиб берсангиз, деб илтимос қилишди. Ханс рози бўлди. Аммо Хансдан, парвозингизни сал ўзгартирсангиз, деб илтимос қилишди. Қиролни кутиб олишга кўп халқ чиқиши ва тоғ йўли қийинлиги бунга сабаб эди. Хансдан, парвоз қилишингиз учун водийнинг шаҳарга яқинроқ жойини танланг, деб илтимос қилишди.
Ханс Дунай дарёси қирғоғидаги қояларни танлади. Қоялар кенг, ясси бўлиб, дарё жуда пастда-анча узоқда эди. У жарликдан сакраб ўтиб, дарё қирғоғига тушишни режалаштирган эди.
Муваффақиятсиз танлов. Дарёнинг ёнида унга ёрдам берган ҳавонинг чиқиш оқими йўқ эди. Ана, қирол ва унинг аъёнлари, шаҳарнинг ярим аҳолиси кўзи ўнгида Ханс сакради, аммо худди тош каби дарёга қулади. Қиролнинг ҳафсаласи пир бўлган, епископ тарракдай қотиб қолган эди.
Қандай ўйлайсиз — кейинги якшанба кунида бўладиган ваъзда епископнинг ваъзи қандай бўлади? «Инсон учишга уринмаслиги керак». Ханс унинг ваъзига ишонди. Минбардан туриб айтилган сўзлар Хансни мангуликка кишанлаб ташлади. Ханс қанотларини кўздан йироқ жойларга беркитди ва бошқа учишга ҳам ҳаракат қилмади. Тез орада у умидсизликдан хафа бўлиб ўлиб кетди, орзуларини ҳам ўзи билан олиб кетди.
Ульмдаги жамоат — учишга ҳаракат қилган одамларни қафасга қамаган ягона жой эмас. Узоқ йиллар жамоат минбарларидан борган сари баландроқ овозда ва ишонч билан, одамлар учишга қодир эмас, деган сўзлар янграган. Масиҳ замонида ҳам шундай эди, Ханс Боблингер замонида ҳам шундай эди. Ҳозир ҳам худди шундай. Худди ўша қусиш хуружини Раббийга нисбат берадилар.
Аммо қораловчи бармоғимиз билан «эътиқод»ни кўрсатиб, ўзимизга ҳам бир назар ташласак ёмон бўлмасди. Биласизми, «Омин! Уларнинг юзларига ҳақиқатни айт» деб «ўлик эътиқод»ни бармоқ билан кўрсатиш қулай. Эҳтимол, бу ёқимлидир, аммо мутлақо нотўғри. Агар биз одамларни уча олишлари учун озод қилиш ҳақида гапирсак, ўзимиз ҳақимизда ҳам ўйлашимиз лозим. Сиз ўзгаларга қанот бахш эта оласизми? Улар сиз билан мулоқотда бўлиб, нажотга эриша оладиларми? Сизни хафа қилган ва энди кечиришингизга муҳтож бўлган дўстингиз-чи? Ўлим қўрқувидан азобланаётган ҳамкасбингиз-чи? Ўтмишдаги хатоларининг оғир юки остида аянчли ҳаёт кечираётган биродарингиз-чи? Ташвишлар остида қадди букилган ўртоғингиз-чи? Уларга бўшаб қолган қабр ҳақида сўзлаб беринг. Ана шунда улар қанотларини ёзиб учганларини кўрасиз.
Бизнинг жамоатимиздан бир аёл — эътиқоди бошқаларга намуна бўлишга лойиқ Масиҳдаги сингил — яқинда турмушга чиқди. Унинг она тили испан тили эди. Келин-куёвни никоҳлаётган жамоат хизматчиси: «Сен ўз қасамингни овоз чиқариб айтишга тайёрмисан?» деб сўради. Сингил ғайриоддий соддалик билан шундай деди: «Ҳа, тайёрман, аммо мен кучли акцент билан гапираман».
Парвардигор бизнинг Ўзи билан муносабатларимизни айнан шу тарзда кўришни хоҳлайди. Бутун умр содиқ қолишимиз керак бўлган қасамни ичишимизни У истайди. Аммо буни ҳар биримиз ўзимизнинг беткарор акцентимиз билан қилишимиз керак. Кимдир буни хасталарга ва ёрдамга муҳожларга кўрсатиш орқали амалга оширар, кимдир ҳибсда ётганларга руҳий ёрдам бериш орқали амалга оширар. Кимдир илмий тадқиқотлар орқали, кимдир ҳомийлик орқали хоҳлар. Аммо акцентимиз қандай бўлишидан қатъий назар, сўзларимиз ва ишларимизнинг маъноси бир хил бўлади.
Анжир воқеасининг маъноси — ҳаммамиз бир хил мева беришимиз керак дегани эмас. Бунинг маъноси шундаки, ҳар биримиз у ёки бу мевани беришимиз керак. Бу осон эмас. Масиҳ бу ҳақда билади ва шунинг учун қуйидаги гапни айтади: «Агар имонингиз бўлса ва иккиланмасангиз, фақат анжир дарахти билан юз берган воқеанигина қилиб қолмайсиз», балки ундан ҳам кўпроқ ишни қила оласиз.
Нимага ишонч? Дингами? Бўлмаган гап. Дин — бу ёлғон, Масиҳ бу ёлғонни ҳаммага кўрсатмоқчи. Умуман, У «анови тоққа: «Қўпорилиб, денгизга отил!» деб айтганда, Унинг назари, эҳтимол, Қидрон водийсига, Маъбад тоғига (у Сион тоғи билан ҳам машҳур) қаратилган эди. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлган бўлса, Масиҳ бу ўринда ҳазил аралаш учмоқчи бўлганларни қафасга тиқишга ҳаракат қилаётган жамоатга қарата: «Сен чўкиб кетганингда яхшироқ бўларди», деб фараз қилсак тўғри бўларди.
Албатта, бу эътиқодга ишонч эмас. Бу — Худога ишончдир, Худо доимо тўғри иш қилишига қатъий ва мардона ишончдир. У Ўз болаларини уйига олиб келиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилишига ишонч.
У адашиб қолган қўзичоқни излаётган Чўпон. Унинг оёқлари шилинган, шишиб кетган, кўзлари толиққан. У қояларга тирмашиб чиқади ва далаларда тентириб юради. У ғорларга киради. У қўлини оғзига карнай қилиб чақиради, Унинг овози тоғ даралари бўйлаб таралади. Унинг даъватида янграйдиган исм — сизнинг исмингиз.
У ҳикоядаги ўз уйида тангасини йўқотиб қўйган аёлга ўхшайди. Унда қолган тўққизтаси муҳим эмас, ўнинчисини топмагунча тинчимайди. У уйни ағдар-тўнтар қилади, мебелларни суриб кўради, гиламларнинг тагини ахтаради, токчалардан излайди. У кечгача ухламайди — эрталаб тонгда туради. Бошқа ишлар тўхтайди. Фақат битта нарса муҳим. Бу — унинг назарида жуда қимматли бўлган танга. Бу — Унинг тангаси, У то тангани топмагунча хотиржам бўла олмайди.
Ўша танга — сизсиз.
Худо — Ўзи уйини қадамлаб ўлчаётган Ота. Унинг кўзлари катта-катта очилган, юрагида ғам-ташвиш. У адашган ўғлини излаяпти. У кўзларини уфққа тиккан. У кутаётган одамнинг бўй-бастига ўхшаган бирон кимса пайдо бўлдимикан? Уни на иш, на даромад, на мол-мулк ташвишлантиради. У Ўз ўғли учун, Унинг номи билан аталган, Унинг тимсолида яратилган ўғли учун ташвиш тортади. Ўша ўғил — сизсиз.
У сизнинг уйга қайтишингизни истайди.
Унинг севгиси улуғворлиги ва қудратини англаб: «Ибодатда эътиқод билан нимани сўрасангиз, ўшани оласиз»[45], деб ваъда берганда, нимани назарда тутганини тушуна оламиз.
Бу сўзларнинг улуғворлигини янги автомобил ёки ойлик маошга қўшимча сўраб ерга урманг. Ушбу парчада берилган ваъдаларни фақат қулайлик ва ҳузур-ҳаловатлар билан чеклаб қўйманг. Худо бизнинг ҳаётимизда кўрмоқчи бўлган самара — бу дунё бойликларидан афзалроқдир. Бизнинг келажагимиз ҳақида Унинг орзулари — лавозимимизнинг юксалиши ёки бахтли никоҳимиздан кўра буюкроқдир.
Худо сизнинг учишингизни хоҳлайди. Сиз кечаги кун гуноҳларидан, бугунги кун қўрқувларидан халос бўлишингизни, сизни эртага кутаётган ўлим қўрқувидан халос бўла олишингизни У истайди. Гуноҳ, Қўрқув ва Ўлим — мана У қўпорган тоғларнинг номлари. Мана шу ибодатларга У жавоб беради. Мана У сизга берадиган самара. У шунга интилади, шуни хоҳлайди: сиз уйингизга… учиб бора олишингиз учун сизга озодлик беришни.
Яна Ульмдаги жамоат ҳақида бир оғиз сўз. У пучдир. У ерга кирадиганларнинг кўпчилиги саёҳатчилар. Биласизми, уларнинг кўпчилиги бу ерга қандай етиб келишган? Улар бу ерга учиб келишган.
СЕШАНБА
10-боб
Қадоқлар ва шафқат ҳақида
Болалагимда юз берган жуда ғалати бир воқеа эсимда қолган. Кўпчиликнинг жамоат ҳақидаги илк хотиралари тилла суви юритилган муқовали катта Муқаддас Китоб билан боғлиқ бўлади. Шунингдек, байрам муносабати билан кийилиб, оҳори тўкилмаган ботинкалар; Мавлуд қўшиқлари ёки якшанба мактабидаги дарслар. Менга келсак, таассуротларим орасида эътиқодга оид нарсалар оз. Эсимда энг кўп қолган нарсалар — қадоқлар, тўғнағичлар ва зерикарли ваъзлардир.
Мен — юзларини сепкил босган, сочлари олинган олти ёшли бола — жамоатхонада курсида ўтирибман. Отамнинг қўли менинг тиззамда- ҳадеб типирчилайвермаслигим учун у мени ушлаб турибди. Воиз бизга минбардан мурожаат қиляпти. Эҳтимол, у жуда самимий сўзлаётгандир. Аммо айни пайтда жуда зерикарли бир оҳангда. Мен зерикаман, эътиборимни отамнинг кафтларига қаратаман.
Агар сиз отам билан учрашгунча унинг механик бўлиб ишлашини билмасангиз, унинг қўлига бир марта қарашдаёқ касби ҳақида савол бермайсиз. Катта, бақувват қўллари тозалаб артилган, шундай бўлса-да, терилари ичига кириб қолган мазут ва машина мойи қолдиқлари гараждаги ишларини кўрсатиб турарди.
Менга унинг қўлларидаги қадоқларини ўйнаш ёқарди. Қадоқлар отамнинг кафтларида худди тоғ чўққилари каби ёнма-ён турарди. Қадоқлар. Ҳеч нарсани сезмайдиган, кўп қатламли тери. Қадоқлар узоқ вақт гайка калитларини ва очқичлар дасталарини тутиб турадиган қўлларни ҳимоя қилади.
Олдимиздаги ўтирғичнинг суянчиғида жамоатхонага илк бор келган одамлар учун карточкалар ётарди. Карточкаларга тўғноғич билан келган одам кийимига қадаб олиши учук қизил лентадан ясалган безак тақилган эди.
Менинг миямга бир фикр келади: қизиқ, бу қадоқларнинг қалинлиги қанча экан?
Мен тўғноғични қўлимга олиб тажрибали жарроҳдай ишонч билан операцияни бошлайман. (Эсда қоладиган воқеа, шундай эмасми?) Вақти-вақти билан отамга қараб қўяман. У қимирламай ўтирибди. Мен тўғноғичнинг ўткир учини қотиб кетган терига ботиришда давом этаман. Отам эътибор бермайди. Жамоатдаги ҳамма одамлар диққат билан воизнинг сўзларини тинглаётганда, мен қадоқнинг қалинлигини текшириб кўриш билан бандман.
Ниҳоят, мен қатъий ҳаракат қилишга қарор бердим.
«Тш-ш-ш» — деган товуш чиқариб қичқириб юборди отам ва қўлини тортиб олди. У қўлини қаттиқроқ мушт қилиб қисди. Натижада тўғноғич қўлига янада чуқурроқ ботди. У менга қаради. Буни сезган онам ҳам мен томонга боқди. Акам эса хихилай бошлади. Жамоатдан сўнг шу қўл билан яқинроқ танишувимга мажбур бўлишимни нимадир менга айтарди. Ҳа, анча ғалати болалик хотираси. Аммо янада ғалатиси шуки, орадан ўттиз йил ўтиб мен яна ўша олти ёшлигимдаги ишни қилаётганимни сезаман. Мен қотиб қолган қадоқларни ковлашга ҳаракат қиляпман. Фақат бир нарса ўзгарган, холос: мен энди жамоатдаги курсида ўтирганим йўқ, балки минбарда турибман. Мен фойдаланаётган асбоб ўткир учли тўғнағич эмас, балки ҳақиқатдир. Мен ковлаётган қадоқлар энди кафтларда эмас, балки қалблардадир.
Одамларнинг қалблари қалин, қаттиқ тери билан қопланган. Бу қадоқлар — кўп соатлик ҳақиқат курашининг ва унга қарши туришнинг натижасидир. Қўпол, қотиб кетган, жонсиз ҳужайралар. Ҳеч нарсани сезмайдиган ва ҳар қандай ташқи таъсирларга бефарқ тери.
Қадоқ билан қопланган юрак.
Масиҳ заминдаги ҳаётининг сўнгги сешанбасида ана шундай юраклар билан мулоқот қилган. Одамларга энг муҳимини, энг асосий хабарни айтмоқчи бўлган одамга хос қатъият билан уларнинг юракларига таъсир қилиш учун ҳаракат этарди. У айтиб берган иккита воқеада қандайдир умумийлик бор эди: бу — айб эди. Гап — Худо уларга мурожаат қилиб айтмоқчи бўлган нарсани рад қилиш учун фойдаланаётган қатъиятлари устида боряпти — бир марта эмас, тасодифан эмас, ҳар сафар улар буни рад қилганлар.
Биринчи воқеа — ер эгаси ҳақида. У узумзорини боғбонларга ижарага беради. Ҳосил йиғиштириш пайти келганда, улушни олиб келиш учун хизматкорларини юборади. Аммо ижарадорлар хўжайиннинг хизматкорларидан бирини дўппослашди, бирини ўлдиришди, бирин эса тошбўрон қилишди[46].
Иккинчи воқеа — шоҳ ҳақида. У ўғли шарафига никоҳ базмини уюштириб, тўйга таклиф этилганларни чақириб келиш учун хизматкорларини юборибди. Улар эса келишни хоҳламабдилар[47].
Хизматкорлари дўппосланиб, ўлдирилган ер эгаси. Хабарчилари рад жавобини олиб келган ва ҳеч нарсасиз қайтиб келган шоҳ. Албатта, униси ҳам, буниси ҳам куч ишлатади. Энди навбат полиция ва аскарларга.
Аммо бундай бўлмади. Ер эгаси ҳам, шоҳ ҳам бошқа одамларини юборади. «Ер эгаси бошқа хизматкорларини юборибди. Боғбонлар уларни ҳам олдингидай қилишибди».
«Подшоҳ бошқа хизматкорларини юборибди. — Уларга айтингларки, мен зиёфат дастурхонини тайёрлаб қўйдим».
Қанчалар ажойиб сабр-тоқат! Қанчалар чидам! Хизматкор кетидан хизматкор. Элчи кетидан элчи. Масиҳ бизнинг кўз олдимизда қатъиятли ва мақсадга интилувчан Худонинг тимсолини чизиб беради.
Қизим Женни икки ёшлигида мен уни катта универмагда йўқотиб қўйдим. Ҳозиргина ёнимда эди, орадан бир зум ўтмасдан йўқолди-қолди. Мен ваҳимага тушдим. Миямда фақат биттагина фикр айланарди: Жаннани топишим керак. Магазинлар унутилди, сотиб олинадиган нарсалар рўйхати бир четга суриб қўйилди. Мен қизимни баланд овоз билан чақиравердим. Одамларнинг нима деб ўйлашлари мен учун барибир эди. Бир неча дақиқа давомида барча ўй-хаёлларим, бор кучим фақат бир мақсадга қаратилди: йўқолиб қолган фарзандимни топиш. (Охири қизимни топдим, у пальтолар орасига беркиниб олган экан.) Агар фарзандларнинг ҳаётини сотиб олиш имкони бўлганда эди, ота-она ҳар қандай баҳони тўлашга тайёр бўларди. Улар фарзандлари учун бор кучларини, жамики мол-мулкларини беришга тайёрдирлар. Ота ўз боласини ахтариб топиш учун ҳамма нарсага тайёр.
Худо ҳам худди шундай қилади.
Буни эсдан чиқарманг. Худонинг буюк ижоди — осмон бўйлаб ёйиб ташланган юлдузлар ва баҳайбат тоғлар эмас.
Худонинг энг буюк ишларидан бири — бандалари Унинг ҳузурига қайтиб келадиган йўлдир. Унинг биз билан учрашувига ва мулоқот қилишга интилиши ортида буюк донишмандлик ва қудрат ётибди. Навбати билан алмашиниб келадиган йил фаслларини ёки ўз орбитаси бўйлаб ҳаракатланадиган планеталарни шу донишмандлик ва қудрат яратган. Само ва ер биз қайтишимизни кутаётган Худонинг мақсадидан буюкроқ мақсад кўрмаган. Худо Ўз муқаддаслиги билан мўъжизалар яратиб, кўп марта шу мақсадга Ўз садоқатини исботлади. Нуҳ Худонинг садоқатини орасида камалак ҳосил бўлган очиқ булутларда кўрди. Иброҳим ҳомиладор Сорасининг қорнига қўлини текизиб, шу садоқатни англади. Ёқуб мағлуб бўлиб, шу садоқатни англади. Юсуф ўша садоқатни зиндонда бошидан кечирди. Фиръавн бу ҳақда Мусодан эшитди: «Менинг халқимни қўйиб юбор». Аммо фиръавн бундан бош тортди. Натижада Мусога Худонинг садоқати намоён қилинадиган саҳнанинг биринчи қаторидан жой беришди. Сув қонга айланди. Кун тунга айланди. Чигирткалар булути қуёш юзини тўсиб қўйди. Тўнғич фарзандлар ўла бошлади. Қизил денгиз сувлари иккига ажралди ва Миср лашкарини ютиб юборди.
Кам ўқиладиган, аммо жуда оташин ана шу сўзларни ўқиб кўринг. Мусо шу сўзларни Исроилликларга қарата айтган: «Энди узоқ ўтмишга, сизлар дунёга келмасдан олдинги, Худо ер юзида одамни яратган ва ундан кейинги даврга назар солинглар. Дунёнинг бу четидан у четигача суриштириб билинглар: шу қадар муҳим воқеа бўлганми ёки шунга ўхшаш нарса ҳақида бирортаси эшитганми?! Сизларга ўхшаб, олов орасидан гапирган Худонинг овозини эшитиб, тирик қолган бирорта халқ борми?! Худойингиз — Эгамиз сизлар учун Мисрда нима қилганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Қайси худо синовлар, аломату мўъжизалар билан, уруш, қудратли қўлу, буюк ва даҳшатли воқеалар билан ўзига бир халқни бошқа халқ орасидан олиб чиқиш учун борган?!»[48]
Мусонинг сўзлари моҳияти нимада? Худо Ўзидан юз ўгирган дунёни қайтариш учун мўъжизалар яратади. У ҳеч толиқмайди, ҳаракат қилишдан тўхтамайди. У ортга қайтишдан бош тортиб, тинмасдан ҳаракат қилади. Худо инсониятга нисбатан Ўз туйғулари ҳақида нима дейишига қулоқ тутинг:
Эй Эфрайим, қандай қилиб сендан воз кечай?! Эй Исроил, қандай қилиб сени ташлаб кетай?! Адмани йўқ қилганимдай сени йўқ қила олармиканман?! Завўйимга қилганимни сенга қила олармиканман?! Бундай қилишга юрагим бетламас асло! Сенга бўлган меҳр-шафқатим ортиб бормоқда. Йўқ, сочмайман сенга қаҳр-ғазабимни, Қайта барбод қилмайман Эфрайимни, Зеро Мен Худоман, инсон эмас, Орангиздаги Муқаддас Худоман, Олдингизга жаҳл билан бормайман[49].
Давомини ўқишдан олдин охирги гап устида ўйлаб кўринг-а: «Мен…орангиздаги Муқаддас Худоман». Сиз бунга ишонасизми? Худо ёнингизга эканига сиз ишонасизми? Сиз ишонишингизни У истайди. Бу мисраларни ўқиётганингизда сиз қаерда бўлманг, У ҳам ўша ерда бўлади. Машинада. Самолётда. Ишда. Ётоқхонада. Йўл ёкасидаги ариқда. Сиз қаерда бўлманг, У ёнингизда бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. У нафақат сизнинг ёнингизда бўлади, балки У ҳаракат қилади. Нуҳнинг Худоси — сизнинг Худойингиз. Иброҳимга берилган ваъдалар сизга ҳам берилган ваъдалардир. Фиръавннинг кўзи ўнгида мўъжизалар яратган қўл сизнинг дунёнгизда ҳам ҳаракат қилади.
Худо — сизнинг дунёнгиз воқеаларининг энг марказидадир. У ўзига қайсидир узоқ галактикада қаср қурмади. У Ўзини инсоният тарихидан йўқотмади. У оловли қасрнинг тахт залида ўтирадиган дарвеш бўлмади. У шу яқинда. У билан автомобиль тирбанд жойларда ҳам, дафн бюроларида ҳам учрашиш мумкин. Душанба куни ҳам У бизга худди якшанбадаги каби яқиндир. Синфда ҳам худди жамоатдагидай ёнимизда. Танаффусда ҳам худди муқаддас ибодат маросимидагидай.
Бир куни рафиқам Деналин бир неча кунга сафар кетди. Мен билан қизларим ёлғиз қолдик. У йўқлигида болаларнинг одатдаги жанжаллари ва инжиқликларига қарамай, шу кунлари тинчгина яшадик.
— Хўш, аҳволларингиз қалай? Қизлар ўзларини қандай тутишди? — сўради Деналин қайтиб келгач.
— Ҳаммаси яхши, улар ўзларини жуда яхши тутишди.
Женна менинг жавобимни эшитиб эътироз билдирди:
— Йўқ, дада, бундай эмас. Биз ўзимизни ёмон тутдик. Бир кун ёқалашдик, кейинги сафар сизнинг гапингизга қулоқ солмадик. Нега сиз, қизларим ўзларини яхши тутишди, деб айтяпсиз?
Женна билан менинг ота сифатида нима яхшию нима ёмон эканига қарашларимиз ҳар хил эди. У, ҳамма нарса менинг қилган ишларимга боғлиқ, деб ҳисобларди. Аммо гап бунда эмас эди. Худонинг бизга бўлган севгиси ўзимизни тутишимизга қараб кучли ё кучсизроқ бўлади, деб адашамиз. Аммо бундай эмас. Мен Женнани қилган ишлари учун яхши кўрмайман. У ким эканлиги учун яхши кўраман. У менинг қизим.
Худо ҳам сизни айнан шу сабабдан яхши кўради. Худо сизни кимга қарашли эканлигингиз учун севади. Сиз Унинг фарзандисиз[50]. Худди шу севги Исроилликларга намоён бўлган эди. Шу севги пайғамбарларни хизматга жўнатди. Шу севги инсон танасига ўралди ва Марямнинг қорнида пайдо бўлиб туғилди. Шу севги Жалиланинг топталган сўқмоқларидан юриб, қўпол, тақводорлигидан қотиб қолган юракларга қарата гапирди.
«Бу инсоний севги-ку, эй Худойим, Худойим!»[51] — деди Довуд Худо севгиси ҳақида фикр юритиб. Ҳа, сен ҳақсан, Довуд. Худо севгиси чиндан ҳам ғайриоддийдир. Бу одатдаги севги эмас. Биз қотилни ёки хоинни севишни шундай деб айтамиз. Аммо Худо Довудни севиб, худди шундай қилди. Биздан ўзини олиб қочадиган одамга нисбатан севгини биз ғайриоддий деб атаймиз. Аммо Худонинг Сулаймонга бўлган севгиси худди шунақа эди[52]. Тош ҳайкалларни сиздан кўра кўпроқ севган одамни севиш ғайриоддийдир. Аммо Худо Исроилликларга худди шундай севгини намоён қилди. Масиҳ заминдаги ҳаётининг сўнгги сешанбасида шу севги ҳақида сўзлади. Айнан шу севги Уни жума куни хочга еткалаб борди.
Хоч дунё тарихининг энг марказида туради. Ўтмишда юз берган ҳамма нарса уни кўрсатар эди, келажакда юз берадигани ҳам унга боғлиқ эди. Бу — Худо Шоҳлигининг энг буюк ғалабаси эди. Раббий заминда яшади. Аммо бу заминнинг энг катта фожиаси ҳам эди: инсон Раббийни рад қилди.
Масиҳ инсонлар ҳақида гапиришларини дин раҳнамолари билардилар. Уларнинг оталари пайғамбарларни рад қилганлари каби, улар эндиРаббийнинг Ўзини инкор қилишарди.
Масиҳ ўзларининг тарихини унутганларга қараб сўзлади. У кетма-кет келган ваҳийни рад қилганларга, пайғамбарларнинг ҳаммасини эшитишдан бош тортганларга мурожаат қилиб гапирди. Масиҳнинг мурожаати — улар худди бир неча гапни назарларидан четда қолдиргандай ёки вергулга эътибор бермаганларидай эмас эди, улар худди бир неча гапни нотўғри изоҳлаганларидай ҳам эмас эди. Улар бутун бошли Китобга эътибор бермадилар. Раббий уларникига келди, уйларининг эшикларини тақиллатиб, кўчаларидан ўтди. Аммо одамлар Уни уйларига киритмадилар.
Худди шу сабабга кўра — улар ишонишдан бош тортганлари сабабли — Масиҳ Маттонинг Хушхабарида ёзилган барчанинг кўзини очадиган сўзларни ёзади: «…Сизларга айтаман: Худо Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, ҳосил етиштирувчи халққа берилади»[53].
Худо тош юракларга тоқат қила олмайди. У бизнинг хатоларимизга бардош беради. У бизнинг қоқилишларимизни кечиради. Агар биз турли саволлар билан Уни безор қилсак, Унинг жаҳли чиқмайди. Биз қийинчиликларга дуч келганимизда, У биздан юз ўгирмайди. Агар биз Унинг сўзларини эшитишдан доимо бош тортаверсак, Унинг иллтимосларини доимо эшитишни хоҳламасак, агар У дунё тарихини ортга қайтарса ва биз барибир карлигимизча қолаверсак, олдингидай Уни эшитмасак, шунда У бизнинг рад жавобларимизга жиддий эътибор беради. «Худонинг каломи биринчи навбатда сизларга билдирилиши керак эди. Ҳозиргача сизлар каломни рад қилиб келдингизлар ва ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқмиз, деб ўйладингизлар. Энди биз мажусийларга юз буряпмиз»[54], — деди бир кун ҳаворий Павлус яҳудийларга қарата. Эътибор беринг: бу одамларни нолойиқ деб Худо айтмади. Уларнинг ўзлари итоат қилишдан бош тортдилар. Улар итоатсизликлари билан ўзларини Худонинг марҳаматидан маҳрум қилишди. Масиҳ совуқ юракларни қоралади: ўзларига маҳлиё бўлган бу қалблар уларга умид ҳадя Қилганни ёмонлашга тайёр эдилар. Шу даражада тошга айланган юраклар дунё Бегини иблис деб атадилар[55].
Раббийга бундай шак келтиришни кечириб бўлмайди. Бу — Раббий уларни кечира олмаслиги учун эмас, балки улар Раббийдан кечирим сўрашни истамайдилар. Тош бўлиб қолган юракда лаънат ётибди. Юракнинг тош бўлиб кетгани — кўриниб турган нарсани кўришни истамаган кўзларда, баланд овозда, аниқ қилиб айтилган гапни эшитишни хоҳламайдиган қулоқларда намоён бўлади. Бундай одамлар Худога интилмайдилар, кечиримга эриша олмайдилар. Ахир, улар кечирим сўрамайдилар-да.
Эҳтимол, менинг болалик хотираларим унчалик арзийдиган эмасдир. Қандайдир маънода биз шу ҳақда Хушхабарда ҳам ўқиймиз: Масиҳ бизнинг юракларимизнинг тош бўлиб кетган қобиғидан ўтиш учун ўз қўлларининг тегишига имкон беради. Нега Раббий қўлларини тешди? Нима сабабдан У Ўз севгиси орқали шундай ишга қўл урди? Нега У Ўз болаларини озод қилди ва Ўз халқини қутқарди?
Бу саволларга иккита пайғамбар жавоб берсин: Чунки Худо улар орқали бизга Муқаддас Ёзувни инъом қилган. Улардан бири — Мусо: «Сен фақат Эгамиз Худо эканини билишинг учун»[56].
Шундан кейин минг йиллар ва юзлаб пайғамбарлар, сон-саноқсиз мўъжизалар битта қонга бўялган хоч ўтди. Ҳаворий Павлус ҳам бир оз бошқачароқ сўзлар билан шундай дейди: «Худонинг марҳамати сени тавбага олиб келади…»[57]
Хуллас, Унинг сабр-тоқати мақсади қандай? У бизнинг тавба қилишимизни истайди. Мен бу бобни жамоатда содир бўлган бир воқеа ҳақидаги болалик хотирам билан бошлаган эдим, энди бошқа бир хотирам билан тугатаман. Бу — Холман Хантнинг сурати. Эҳтимол, сиз у чизган суратларни кўргандирсиз: тош ётқизилган ҳовли, печак гуллар чирмашган девор… Масиҳ оғир ёғоч эшик олдида турибди.
Шу расмнинг нусхаси мен болалигимда жуда кўп марта қўлимда ушлаган Муқаддас Китобда бор эди. Суратнинг остида шундай сўзлар ёзилганди: «Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман; Мен у билан, у Мен билан кечки овқатни баҳам кўрамиз»[58].
Орадан йиллар ўтиб, мен бу суратда илгари сезмаган бир нарсани ўқидим. Суратни синчиклаб қарамасангиз, ўша нарсани кўрмайсиз, Холман Хант атайлаб ўша нарсани чизмаган экан. Шуни англадиму дарров репродукцияни топиб, уни диққат билан кўздан кечирдим.
Ҳа, чиндан ҳам суратда бир нарса етишмасди. Эшикнинг тутқичи йўқ эди. Бу эшикни фақат ичкаридан очиш мумкин эди. Мен мазкур бобда ёзганларимни Хант ҳам айтмоқчи бўлган экан. Раббий ҳам айни шу ҳақда сўзлайди. Инсоният тарихи ҳам шу ҳақда гувоҳлик беради. Раббий сизнинг уйиингизга яқинлашиб, ҳовлига кўтарилади ва эшикни тақиллатади. Ичкарига қўйиш-қўймаслик эса сизнинг ишингиз.
11-боб
Сиз таклиф қилингансиз
Мен бу сатрларни Сан-Антонио (Техас штати) маҳаллий судининг кенг хоналаридан бирида ўтириб ёзяпман. Мени бу ерга таклиф қилганлари учун келдим. Аниқроқ қилиб айтганда, мен суд маслаҳатчиси мажбуриятларини бажаришим учун чақирув қоғози олдим. Бу таклиф оддий бўлиб, ғайриоддий томони йўқ эди. Менинг исми-шарифим ва суд мажлиси бўладиган жойнинг манзили ёзилган оддий қалин варақ. Лекин бу — таклифнома, мен билан бирга округимизнинг юзга яқин аҳолиси шундай таклифнома олишди.
Албатта, бу таклифнома мен ҳаётимда олган таклифномалар ичида энг муҳими эмас. Аммо бу таклифнома мени ўйлантирди ва умрим давомида олган бошқа таклифномалар ва таклифлар ҳақида эслашга ундади.
Кунларнинг бирида бир кишига мен шахсий таклифимни айтдим. Мен бўлажак рафиқам Деналинга қилган таклифим ҳақида гапиряпман. Бундай таклифлар ҳаётимизга тез-тез дуч келадиган воқеалар сирасига кирмаслигини тушуниб, бу дақиқаларни бошқача ва эсда қоладиган қилишга ҳаракат қилдим.
Мен ишни ўзимиз яхши кўрган хитой ресторанидан уйга кечки овқат буюришдан бошладим. Иккаламиз яхши кўрадиган таомларни буюрдим. Бу — нордон-ширин қайлали чўчқа гўшти эди. Бундан ташқари, хитой ресторанларида ичига башоратлар ва донишмандлар ўгитлари ёзилган қоғозлари бор бир неча ширинликлар ҳам буюрдим. Олдиндан эса мен Деналинга, менинг рафиқам бўл, деб илтимос қилиб хат ёзиб тайёрлаб қўйдим. Кечки овқатни олиб келганларида, хатни ширинликлардан бирига солиб қўйдим. Кейин столни безатиб, энг яхши костюмимни кийдим ва уни кута бошладим.
Ўша кунги муҳит жуда романтик эди. Хонада сокин мусиқа янграр, шамлар ёниб турарди. Мен дастурхон безаш учун бир марталик қоғоз салфеткалар ўрнига сочиқ матодан фойдаланаётганимни кўриб, ниманидир сезди. Мен ҳаяжон билан ширинликлар тортиладиган вақтни кутиб, деярли ҳеч нарса емадим. Ахир, ширинлик орасига Деналинга аталган таклифим бор эди-да.
Ширинликларга навбат келганда, Деналин, мен тўйиб қолдим, деди. Мен, ҳеч бўлмаса, битта ширинлик олинг, деб илтимос қилдим. У хоҳламаса ҳам, ширинликдан олинг, уни синдириб, ичидаги қоғозда нима ёзилганини ўқиб кўринг, деб айтим. Деналин ширинликни иккига бўлиб, менинг таклифимни ўқиди.
У йиғлаб юборди.
Юрагим орқага тортиб кетди. «Менинг таклифим Деналинни ҳақоратлади, у хафа бўлди», деб ўйладим. Мен таклифимга нисбатан ҳар қандай жавобни кутган эдиму аммо кўз ёшларига асло тайёр эмасдим. Мен ўша пайтда аёллар тўғрисида ҳеч нарса билмаслигимни шу нарса кўрсатиб турарди. Ҳозирда эса аёллар хафа бўлганларида ҳам, қувонганларида ҳам, завқланганларида ҳам қўллайдиган универсал восита кўз ёшлари эканини биламан.
Бахтимга, ўш пайтдаги унинг кўз ёшлари севинч кўз ёшлари эди. У таклифимга розилик билдирди. (Аммо ўшандан кейин у ичида ёзуви бўлган хитой ширинликларига хавотирлик билан қарайдиган бўлди). Таклифлар — ўзгача ажойиб бир нарсадир. Уларнинг баъзилари кундалик ҳаётга тааллуқли бўлади, масалан, агар кимдир бировни учрашувга таклиф қилса. Баъзи таклифлар муҳим бўлади, масалан, ишга қабул қилаётганда суҳбатга таклиф қилиш. Яна шундай таклифлар бўладики, одамнинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин, масалан, оила қуришни таклиф қилиш. Аммо ҳар бир таклифнинг ўзгача бир томони бор.
ТАКЛИФНОМА. Йирик ҳарфлар билан ёзилган муҳим хат: «Сиз …тантанали очилишига таклиф қилинасиз…» Почта қутисидан топилган откритка: «Жаноб ва хоним Жонсонлар сизни қизлари …нинг тантанали никоҳ тўйига таклиф қиладилар». Телефон тўсатдан жиринглайди: «Салом Жон! Менда футболга битта ортиқча билет бор, бирга борасанми?»
Таклифнома олиш — сиз доимо ким учундир муҳим эканингизни, сиз кимлардир учун қадрли эканингизни англатадиган шарафдир. Шу боис ҳар бир таклифнома хушмуомалалик ва ўйлаб жавоб беришга лойиқ.
Энг қимматбаҳо таклифномаларни сиз почга конвертларида ва хитой ширинликлари орасида топа олмайсиз — унақаси Муқаддас Китобда бўлади. Сиз шуни сезасизки, бу Китобда сиз доимо Худо ҳақида ўқийсиз, У таклифномалар юборади, уларни тарқатади. У Момо Ҳавога Одам атога хотин бўлишни таклиф қилди. Ҳайвонларга, кемага киринглар, деб таклиф қилди. Довудга подшоҳ бўлишни, Исроил халқини қул бўлган юртларидан чиқиб кетишни, Нахимиёга Қуддусни қайта тиклашни таклиф қилди. Худо доимо таклифномалар тарқатади. Марямга Ўғлини туғишни, Исо шогирдларига одамларнинг овчилари бўлишни, хиёнат устида қўлга тушган аёлга янги ҳаёт бошлашни таклиф қилди. Тўмага эса, қўлингни баданимга текиз, деб таклиф қилди. Худо — Ўз саройини безайдиган, ноз-неъматлар тайёрлайдиган, Ўз фуқароларини келишга таклиф қиладиган Подшоҳдир.
«Келинг» — Унинг энг яхши кўрган сўзига ўхшайди.
«
«Кимки ташна бўлса, Менинг олдимга
«Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк кўтариб бораётганлар, ҳаммаларингиз Менга
«Тўй зиёфатига
«Орқамдан
«Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга
Раббий доимо таклиф қилади, чорлайди. У эшикларни очиб, дарвозалардан киришни, дастурхондаги ноз-неъматлардан татиб кўришни таклифт қилиб, қўл силкитади.
Аммо У фақат дастурхонга таклиф қилиб қўя олмайди. Унинг таклифи бутун одамзоднинг ҳаётини ўзгартиришга қодир. Унинг Шоҳлиги кўз ёшлари, ғам-қайғу ва азоб-уқубат йўқ жойда яшашга таклиф қилади. Бу таклиф кимга қаратилган? Ким хоҳласа, ўшанга. Раббийнинг таклифномаси бир вақтнинг ўзида ҳам умумий, ҳам ҳар бир одамнинг ўзига қаратилган.
Исо умрининг сўнгги ҳафтасида дарҳол жавоб қайтаришни талаб қиладиган таклифнома ҳақидаги икки воқеани айтиб берди. Биринчиси — отаси узумзорда ишлашга чақираётган икки ўғил ҳақидаги воқеа[65]. Иккалови ҳам оталарининг оғзидан битта таклиф эшитадилар. Аммо икковининг берган жавоби бутунлай бошқа-бошқа бўлди. Биттаси «йўқ» дейди, аммо кейин қарорини ўзгартириб, боради. Иккинчиси — рози бўлади, аммо кейин униси ҳам қарорини ўзгартириб ишлашга бормайди. Иккинчи воқеа — ўғли учун никоҳ базмини тайёрлаётган шоҳ ҳақида[66]. У меҳмонларни таклиф қилади. Аммо улар келмайдилар. Бирови унинг таклифига эътибор бермайди, яна бири ниҳоятда бандлигидан бора олмаслигини айтади, бошқалари таклиф қилиш учун юборилган хизматкорларни ўлдиришади.
Масиҳ бу воқеаларни ҳикоя қилиб бераётганда нимани ҳис қилганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Агар сиз кимнидир таклиф қилган бўлсангизу ўша одам сизнинг таклифингизга лоқайд бўлса, ўшанда Исо нимани назарда тутганини тасаввур қила оласиз. Кўпчилик Исони рад қилмайди,…улар Исонинг таклифларини жиддий қабул қилишмайди, холос.
Тасаввур қилинг-а, Раббий одамларга мурожаат қилганда, улар жавоб берганлари сингари, Деналин ҳам менинг таклифимга жавоб берганда, мен ўзимни қандай ҳис қилган бўлардим? У таклифимга на «йўқ» деб, на «ҳа» деб жавоб бермай, ўзини олиб қочганда нима бўларди? Кўз олдингизга келтиринг: мен нина устида ўтириб, кузатиб турибман: у шамларнинг ўйноқи ёруғида таклифимни ўқияпти. Агарда у йиғлаш ўрнига ҳеч қандай маънисиз суҳбат бошлаганда нима бўларди?
— Э, бизнинг оиламизда никоҳ тарафдорлари доимо кўп бўлган.
— Нима?
— Бизнинг оиламиздагилар никоҳни доимо маъқуллаб келишган. Масалан, тоғамни олайлик. У уйланган. Айтганча, холам ҳам, онам ва отам ҳам. Ҳатто опам ҳам…
— Тўхта, тўхта! Буларнинг бизга нима алоқаси бор? Ҳозир гап сен ва мен ҳақимизда, тушуняпсанми?
— Биласанми, Макс, айтганимдай, никоҳ ҳақидаги фикрингни тўла қўллаб-қувватлайман. Назаримда, оила жамиятимизнинг муҳим бўлаги, унинг бир қисми…
— Аммо мен сендан жамият тузилишида оиланинг аҳамияти тўғрисида фикрингни сўрамадим. Сендан, менинг хотиним бўл, деб сўраяпман.
Ота, Менинг ҳузуримга келинглар, деб сўраб қилаётган шахсий ва аниқ таклифига бизнинг тушунарсиз ва ноаниқ жавобимиздан У хафа бўлса керак.
— О Исо, мени таклиф қилганинг жуда яхши! Биласанми, бизнинг оиламизда доимо эътиқодга ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Ҳатто оилавий архивларда ота-боболаримизнинг гугенотлар ҳаракатида ўйнаган роллари ҳақида ёзувлар сақланиб қолган. Балки сен менинг амаки-боболаримни эсларсан? Унинг исми Горацио. У руҳоний бўлган ва айтишларича, ҳиндулар орасида жуда машҳур бўлган экан.
— Нима?
— Айтмоқчиманки, бизнинг оиламизни кўп нарса эътиқод билан боғлаб туради. Масалан, холам Мейси Биринчи баптистлар жамоат қошидаги хорда куйлаган, амакимнинг ўғли Арнольд эса дьякон бўлиб хизмат қилади.
Бундай оғиз кўпиртириб мақтанишларга Худо Еремиё 7:13да қуйидагича жавоб беради: «Бундай ёвуз қилмишларни қилаётганингизда, Мен сизларга қайта-қайта гапирган эдим, сизлар эса гапларимга қулоқ солмадингизлар».
Денамин менга шундай деса нима бўларди: «Макс, сен шундай таклиф билан менга мурожаат қилганинг жуда яхши, аммо биз буни эртага муҳокама қилсак, майлими? Ҳозир телевизорда мен кўпдан буён кутган фильм бошланади».
Ёки янада ёмонроғи: «Менга турмушга чиқ, дейсанми? Биласанми, Макс, биз албатта, бу ҳақда гаплашиб олишимиз керак. Кейинги пайшанба кун гаплашсак-чи, нима дейсан? Э йўқ, менинг ишим бор. Яхшиси, сен менга икки ҳафтадан сўнг — сешанба куни телефон қил. Биз учрашув тўғрисида келишиб оламиз».
Бундай сўзлар мени жуда хафа қилган бўларди. Биласизми, агар таклифингизни рад қилишса, ёки сизни эътироф этишмаса, бу ишнинг бир томони. Аммо агар сенинг таклифингни жиддий қабул қилишмаса, бу жуда ёмон. Кимгадир ўта шахсий, жуда муҳим, ҳали ҳеч ким эшитмаган таклифни қилсангу ундан, бу ҳақда кейинги ҳафтада ёки ундан кейинроқ гаплашишимиз мумкин, деган жавобни олганингда, бошқа ҳеч нарса шунчалик хафа қилмаса керак.
Масиҳ шундай таклиф қилади: «Эшигинг тагида туриб тақиллатяпман…»[67] Раббийни билиш — Унинг таклифини қабул қилиш деганидир. Айнан қабул қилиш — оддий эшитиш, ўрганиш ёки унинг мавжудлигини тан олиш эмас, Раббийнинг сизга қилаётган таклифи ҳақида кўп нарса билишдир, аммо ҳеч қачон уни таклиф қилмаслик ҳам мумкин.
Айни пайтда Унинг таклифи мутлақо аниқ ва равшандир. У бизга ҳамма нарсасини беради. Биз ҳам ҳамма нарсамизни Унга берамиз. Оддий ва муросасозлик билан. У биздан нимани истаётганини аниқ гапиради. Аммо бизга нимани таклиф қилаётганини янада аниқроқ сўзлайди. Биз танлашимиз керак, холос.
Танлаш ҳуқуқини Худо бизга бергани ажойиб, тўғрими? Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Ҳаётда кўп нарсага бизнинг ҳуқуқимиз йўқ. Масалан, эртага қандай об-ҳаво бўлишини ёки иқтисодда қандай ўзгаришлар содир бўлишини танлай олмаймиз.
Инсон туғилаётганда ташқи кўриниши — бурни, кўзлари, сочлари қандай бўлишини ёки иқтисодда қандай ўзгаришлар содир бўлишини танлай олмайди. Биз атрофдагиларда қандай таассурот қолдиришимизни танлай олмаймиз.
Аммо биз абадий ҳаётни қаерда ўтказишимизни ўзимиз танлай оламиз. Асосий танлов ҳуқуқини Раббий бизга берди. Энг муҳим қарорни ўзимиз қабул қилишимиз керак.
Сиз Унинг таклифига нима деб жавоб берасиз? У сизни Ўз ҳузурига чақиришига ва Ўзи билан абадий яшашга чорлаётганига сиз қандай жавоб берасиз?
Ягона ҳақиқий қарор — шу. Сиз ўз иш жойингизни ўзгартирасизми ёки йўқми — бу унча муҳим эмас. Қайси коллежга ўқишга борасиз, қандай касбни танлайсиз — албатта бу ҳам қандайдир аҳамиятга эга. Аммо бу ҳам абадий ҳаётни қаерда ўтказишингиз ҳақидаги қарорингиз билан тенглаша олмайди. Сиз эслашингиз керак бўлган қарор — шудир.
Сиз Унинг таклифига қандай жавоб берасиз? Юқорида айтиб ўтганимдай, бу сатрларни маҳаллий суднинг катта залида ўтириб ёзяпман. Мен бу ерга таклифнома олганим учун келдим. Атрофимга қараб, худди менга ўхшаб таклиф қилинган ўнлаб нотаниш кишиларни кўряпман. Улар журнал варақлаб ёки газета ўқиб ўтиришибди. Баъзилари ўтиравериб чарчаб оёқларининг чигилини ёзиш учун туриб юришибди. Баъзиларининг қўлларида қандайдир қоғозлар шитирлайди. Улар ўзларига оид ишларни олиб келишган бўлсалар керак. Мен эса судья хонасига таклиф қилишини кутиб ўтирибман, Раббийнинг таклифига бағишланган бобни ёзаётганимда яширин тақдир ҳазили ҳақида ўйлаяпман.
Вақти-вақти билан залдаги ғала-ғовур тинади — бу пайтда эшик олдида ишчан қиёфадаги эркак пайдо бўлиб, кутаётганлардан кимнингдир фамилиясини ўқийди: Иванна Кэмпбелл, Жонни Сомис, Томас Адамс. У кимнинг фамилиясини ўқиса ўша одам унинг олдига келиб, навбатдаги кўрсатмаларни олади. Бошқалари эса ўз машғулотлари билан банд бўладилар.
Судья билан суҳбатдан нимани кутиш мумкинлигини билмайман: у нима дейди, нима ҳақда сўрайди, нима талаб қилади — билмайман. Ҳатто мен билан суҳбат қилиши керак бўлган судьянинг кимлигини ҳам билмайман. Шунинг учун бир оз асабийлашяпман. Қолаверса, судья билан суҳбат қилиш учун олган биринчи таклифим шу эмас. Мени илгари ҳам таклиф қилишган: «…одамлар бир кун ўладилар, кейин эса суд…»[68] Аммо бу учрашув учун мен унчалик хавотирланмаяпман.
Мен ўша Судьянинг нима қилишини биламан. Мен бўлажак ўша учрашувнинг натижасини биламан. Энг муҳими, мен бу Судьянинг ким эканини биламан. У …менинг Отам.
12-боб
Лаблар — лабларга қарши
Кариб денгизининг маржон қояларида жажжи балиқчалар яшайди. Уларни «ўпишувчи балиқчалар» деб айтадилар. Кичкинагина, узунлиги бор-йўғи 5–7 сантиметр келадиган бу балиқчалар оч-кўк, эпчил, чиройли жониворлардир. Бу балиқчаларнинг ўпишишларини кузатиш жуда қизиқ. Кўпинча иккита шундай балиқча бир-бирларига рўпарама-рўпара туриб, оғизларини оғизларига жипслаштирадилар, сузгичларини тез-тез ҳаракатлантириб турадилар. Бу ҳодиса четдан қараганда сув остидаги севгига ўхшаб кетади.
Сиз, бу балиқчалар — ҳар қандай аквариумчининг орзуси, деб ўйлашингиз мумкин. Улар шундай чаққон, ялтироқ ва жуда сермуҳаббат бўлиб кўринадилар. Аммо ташқи кўриниш кўпинча алдамчи бўлади. Сув ости дунёсининг бир қарашда тинчликсевар ва дўстона бўлиб кўринган аъзоси, аслини олганда, жуда уришқоқдир.
Ўз ҳудудини химоя қилиш иштиёқида куйиб-пишадиган ўпишувчи балиқча меҳмонларни ёмон кўради. Маржон қоялардаги унинг ҳудуди фақат ўзига тегишли, бошқа ҳеч кимга эмас. У маржон қоянинг бу бўлагини ахтариб топди ва уни ўзиники деб эълон қилди. Энди эса ҳеч кимни яқинига йўлатмайди. Унинг кўзга кўринмас чегараларини бузишга ҳаракат қилиб кўринг-чи, у сизни яккама-якка жангга чақиради. Яккама-якка жанг эса оғизлари… орқали бўлиб ўтади. Четдан қараганда севгига тўла учрашув бўлиб туюлган бу нарса аслида сув ости жанговар санъатидир. Оғиз билан итариш, тишлаш, чакакларни синдириш, тил билан уриш…
Кулгили-а, шундай эмасми?
Аммо бунда таниш бир нарса ҳам бор, тўғрими? Биз бундай яккама-якка жангларнинг гувоҳи бўлиш учун Кариб денгизига боришимизга ҳожат йўқ. Тил ёрдамида бўлиб ўтадиган жанглар шу ерда ҳам бўлади. Ўзингизнинг атрофингиздаги одамларга (ёки ҳар куни ойнада кўрадиган одамингизга) яхшилаб қаранг. Одамлар ўзларини қанчалар балиқларга ўхшатиб тутишларига ишонмайсиз. Оғиз ёрдами билан ўз мақсадига эришишни хоҳлаганлар орасида ўпишувчи балиқчалар ягона эмас.
Ёввойи ғарбни маданийлаштириш пайтларида баҳслар муштини қурол сифатида яхши ишлатадиган одам фойдасига ҳал бўларди. Бизнинг замонда эса одамлар анча моҳирроқ қуролдан — тилдан фойдаланадилар. Худди ўпишувчи балиқчаларнинг ўпичлари сингари четдан қараганда бизнинг жангларимиз ҳам жанжалга ўхшамайди. Бу жангларни баҳслар деб атаймиз, уларни янгиликка интилиш деб оқлаймиз. Ҳақиқатда эса бу ҳудудга ҳукмронлик учун курашдан ўзга нарса эмас.
Масиҳ ҳаётининг сўнгги ҳафтасидаги сешанба куни ҳам худди шундай бўлди. Қамчи тушишидан олдин сўзлар орқали зарба берилди. Михлар қоқиш учун болғани уришдан олдин Исонинг қалбига оғир айблар қўйилиб зарба берилди. Масиҳ елкасига хочни юклашдан олдин У дин раҳнамоларининг заҳарли гапларини тинглашга мажбур бўлди.
Четдан қараганда бу суҳбатлар беғараз бўлиб туюлиши мумкин. У қиличини бир марта ҳам қинидан чиқармади. Ҳеч кимни қамоққа олмади. Аммо ташқи беғаразлик сизни алдамасин. Худди ўпишувчи балиқчалар каби, Масиҳни қораловчилар ҳам қон талаб қиларди. Биз ана шундай учта жангнинг гувоҳи бўламиз:
1-жанг. Марҳамат қилиб дипломингизни кўрсатинг
Ўша пайтларда Фаластинда расмий тан олинган ўқитувчи бўлиш қийин эмас эди. Бошида раввин лавозимига ўтираётган одамнинг пешонасига ўзи ҳурмат қилган ва қўли остида хизмат қилган раввин ёғ суртарди. Барча номзодларга эса турлича талаблар қўйилар, улар ҳар хил тайёргарликдан ўтишарди. Бундан ташқари, бу жараён натижасига кўп суистеъмол қилишларга ҳам сабаб бўларди. Шунинг учун яҳудийларнинг Олий Мажлиси — Синедрион раввин лавозимига тайинлаш мажбуриятини ўз қўлига олди. Тайинланаётган одам раввин, оқсоқол, судья деб эълон қилинар, ўқитиш, ақлли маслаҳатлар бериш ва ҳукм чиқариш ҳуқуқларини қўлга киритарди.
Бу зарурий эҳтиёж чораларидан келиб чиққан қонуний маросим эди. Шу боис дин раҳнамолари Масиҳдан: «Сен қандай ҳукмронлик билан буни қиляпсан? Сенга ким бундай ҳукмронликни берди?»[69] деб сўрашлари бизни ҳайрон қолдирмайди. Агар бу савол Маъбадни пок сақлаш, вазифаларни виждонан бажариш мақсадида берилганда эди, у жуда ҳақли бўларди. Аммо аслида улар «ҳудуд» учун курашардилар, холос. «…халқдан қўрқамиз…»[70].
Агар уларни чиндан ҳам халқнинг келажаги ташвишга солганда эди, одамлар биз ҳақимизда нима деб ўйлар эканлар, деб улар безовта бўлмасдилар. Улар ўша муаллимнинг ишини ўзлари ҳал қилган бўлар, қўрққанларидан уни бегона ҳокимият аъзоларининг қўлига бериб қўйиш учун бурчак-бурчакларга кириб кетмаган бўлардилар. Улар раҳнамоликнинг биринчи сабоғини: «Ким оркестрга дирижёрлик қилишни хоҳласа, оркестрни бошқариш учун халққа орқасини ўгириши керак», деган ҳикматни ўзлаштириб олмадилар. Умуман олганда, бу вазият бир оз ғалати кўринади. Буни сездингизми? Яратилган зот Ўз Яратганидан, Сен қандай ҳуқуқ билан бу ишни қиляпсан, деб сўрайди. Хуллас, кулолдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиш талаб этилади. Ҳеч ким у кўрсатган мўъжизалар ҳақида эслатмайди. Унинг таълимоти ҳақида савол бермайди. Улар қандай ҳуқуққа асосан бундай қилаётганини билмоқчи бўладилар. Унинг маълумоти ҳақидаги гувоҳнома қани? Гувоҳнома айнан қайси йўналишга ўтади? Бундай ваколатларни Унга ким берган?
Ақл бовар қилмайди. Раббий бирайўла икки томонлама тергов қилиняпти. Нуфузли одамлар нима сабабдан қора кўзойнак тақиб юришларини мен энди тушундим — улар прожекторлар шуъласини кўр бўлганлар, воқеаларнинг ҳақиқий томонини кўра олмайдилар. Улар, ҳуқуқ ва нуфуз қандайдир аҳамиятга эга, деб ўйлаб хато қиладилар. Улар, унвонлар ва мартабалар одамни бошқача қилади, деб хато ўйлайдилар. Улар: «Бизнинг заминдаги нуфузимиз ўзимизга Осмон шоҳлигида қандайдир имтиёзлар беради», деган оммавий хато фикрнинг ҳукми остида бўладилар.
Далил-исбот хоҳлайсизми? Қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг:
Дунёдаги ўнта энг бой одамнинг исми-шарифини айтинг.
Футбол бўйича охирги дунё чемпионати совриндорларидан ўнтасининг номларини айтинг.
Дунё бўйича гўзаллар кўрик танловининг ғолибларидан ўнтасининг номларини айтинг.
Нобель ёки Пулетцера мукофотлари соҳибларидан саккизтасининг номини айтинг.
Балки сиз энг яхши фильм номинациясида Оскар мукофотини қўлга киритган ўнта охирги ғолибларнинг ёки спортнинг бирон тури бўйича дунё кубогида ғолиб бўлган ўнта команданинг номини айта оларсиз?
Хўш, топшириқларни бажардингизми? Менинг жавобларим ҳам кўнгилга таскин бермайди. Телевизордаги шоу-викториналарни ҳисобга олмаганда, кўпчилик ҳатто кечаги янгиликларни эслай олмайди. Ажойиб, биз бу ҳақда қанчалар тез унутамиз. Бунинг устига, мен айтаётган нарсалар қандайдир иккинчи даражали ютуқлар эмас. Бу ютуқларга эришган одамлар ўз соҳаларининг энг пешқадамлари ҳисобланадилар. Аммо қарсаклар тинади. Совринлар жовонда чанг босиб ётаверади. Ютуқлар унутилади. Кубоклар ва дипломлар эгалари билан бирга кўмиладилар.
Мана, яна бир тест синови. Қани, кўрайлик-чи, буни қандай ечаркансиз?
Ўзингизга ёкадиган учта одамни эсланг.
Сизни муҳим нарсаларга ўргатган ўнта одамнинг номини айтинг.
Сизга қийин дамларда ёрдам берган бешта дўстингизнинг исмини айтинг.
Уларнинг ёрдамисиз мактабда менга қийин бўларди, деб ҳисоблайдиган ўқитувчиларингизнинг исмини айтинг.
Сизга илҳом бера олган бешта қаҳрамоннинг исмларини айтинг.
Бу сафар осонроқ бўлдими? Менга ҳам. Демак, хулоса қандай? Одамларнинг муҳимлиги уларнинг хизматлари билан эмас, бошқалар ҳақидаги ғамхўрликлари билан ўлчанар экан.
2-жанг. Нақшли қиндаги қилич
«Шунда фарзийлар келиб, Исони тилидан илинтириш учун режа қилдилар. Шундай қилиб, фарзийлар шогирдларини Ҳирод тарафдорлари билан бирга Исонинг олдига юбордилар.
— Устоз, биз биламизки, Сиз ҳақиқатни айтасиз, — деди улар, — одамларга Худонинг йўли тўғрисидаги ҳақиқатни ўргатасиз, бошқалар нима деркин, деб хавотирланмайсиз, чунки одамларнинг кимлигига қарамайсиз.
Бизга айтинг-чи, Императорга солиқ тўлаш қонунийми ёки йўқми? Сиз қандай ўйлайсиз?»[71].
Агар кимдир елкангизга қоқиб қўйса, эҳтимол, у сиздан бирон нарсани тама қилаётгандир. Юқоридаги воқеа ҳам бундан истисно эмас эди. Бу парчадан кўриниб турибдики, фарзийлар бор кучлари билан Масиҳнинг елкасига қоқяптилар. Уларнинг саволлари тўғри бўлса-да, саволларнинг мақсади нопокдир. Инсониятнинг нопоклиги ва муттаҳамлиги орқали қачонлардир айтилган сўзлар ичида булар энг ёмонидир.
Фарзийлар ҳам, худди ўпишувчи балиқчалар каби, беозор кўринадилар. Аммо худди шу балиқчалар каби, улар ҳам ўз мақсадлари йўлида шафқатсиз, ёвуздирлар.
«Хушомадгўй тилларни Эгамиз кесиб ташласин»[72], деб У аниқ айтади. Хушомад — безатилган ёлғондан ўзга нарса эмас. Масиҳ ҳеч қачон хушомаддан фойдаланмаган, Унинг издошлари ҳам ҳеч қачон хушомаддан фойланмасликлари керак. «»Хушомадгўй тилларни Эгам ҳалок қилар», дейди Забур хонишчиси.
«Танқид қиладиган одам хушомадгўйга қараганда кўпроқ марҳамат топади»[73], деб қўшимча қилади Сулаймон. «Ширин сўзли, аммо нопок иш қиладиган одамлардан эҳтиёт бўл», деб уқтиради Люси.
Сиз саноларни ўқигансиз. Сиз Сулаймоннинг донишмандлигидан завқлангансиз. Аммо Люси ким? Люси аччиқ сабоқдан сўнг хушомад нима эканини билиб олди. Мана, унинг тарихи:
Вашингтон, 1860-йиллар. Гражданлар уруши боряпти. Мамлакат икки душман лагерга бўлинган. Аммо Люсининг ҳаётидаги асосий жанг унинг қалбида бўляпти.
Люси Ламберт Хэйл Нью-Хэмпширлик сенатор Жон П. Хэйлнинг кенжа қизи эди. У пойтахтнинг машҳур гўзалларидан бири эди. Люсига уйланишни истаган совчиларнинг узун рўйхати унинг машҳурлигидан далолат берарди. Унинг қалбини забт этганлар рўйхати нафақат узун, балки улар тарихга кириб қолганди. Люси ёшлигида севган одамларнинг кўпчилиги кейинчалик машҳур давлат арбобларига айландилар.
Люси ўн икки ёшга кирганда, Гарвард университетининг 1 курс талабаси Уилл Чендлер унга гуллар ҳадя қилди. Бу ёш йигит Люсига ёқарди. Аммо у бор-йўғи ўн икки ёшда эди-да. Кейинчалик Уилл ҳарбий денгиз кучлари қўмондони бўлди, кейин АҚШ конгрессининг сенатори лавозимига кўтарилди.
Кейин қизнинг ҳаётида Оливер пайдо бўлди. У Люсидан икки ёш катта бўлиб, ҳаётимнинг севгисини топдим, деб ўйларди. Люси унинг фикрига қўшилмади. Оливер Уэнделли Холмс қизнинг муҳаббатини қозона олмаган бўлса ҳам, у Олий суд аъзоси бўлди.
Яна бир эркак пайдо бўлиб, у маълум вақт қизнинг қалбини ром қила олди. Бу одам тарихда чиройли сўзлари ва ёвуз ишлари билан ном қолдирди. Унинг исми Жон эди. Ўша пайтда мамлакатда уруш борарди. Вашингтонда эса уларнинг муҳаббати тобора жўш уриб бораверди. Миллат иккита душман лагерга ажралган пайтда бу иккала севишган ҳам кўпинча бир-бирлари билан жиқиллашиб қолардилар. Люсини дўстининг бетайинлиги хижолатга соларди. У бир нарсани гапириб, бошқа ишни қиларди. Унинг ваъдалари билан ишлари умуман иккита бошқа-бошқа одамникига ўхшарди. Йигит сўзлари билан қизни мафтун қилар, қилмишлари билан эса қизнинг нафратига сазовор бўларди. Масалан, йигитнинг қизга юборган энг биринчи мактубини — 1862 йилдаги Муқаддас Валентин кунига бағишланган мактубини олайлик:
Азизам Эйл хоним.
Агар кўп асрлик анъаналарга асосланган байрам менга шундай имкон бермаганда эди, шубҳасиз, сизга бундай нолойиқ хатни ёзмаган бўлардим.
Сиз мен билган ва юрагимга жуда азиз бўлган, аммо ҳозир бу дунёда йўқ бир аёлни эслатасиз. Мен сизни биринчи бор кўрганимда, бу ажойиб ўхшашликдан лол қолдим. Кечириб бўлмайдиган кескинлигимнинг сабаби фақат шу, яна айтаман — фақат шудир. Сизнинг қиёфангиз менинг дилимни оғритди. Аммо бу ширин оғриқ эди. Агар сиз шундай ғайриоддий туйғуни тасаввур қила олсангиз, фақат сиз буни тушунасиз. Агар бошқа кўришиш бизга насиб қилмаса, менга ишонаверинг: сизнинг сиймонгиз менинг хотирамда худди ўша гўзалнинг сиймоси каби абадий қолади. Унинг чеҳраси ҳам худди сизники каби, мўминлик ва дўстликка бурканган қалбнинг самимий онаси эди.
Жон асалдай ширин сўзлардан фойдаланиб, мақсадга интилувчан қутурган ҳўкизга ўхшарди. Жон Люси учун номаълум бўлиб қоладиган вақтини иложи борича қисқартиришга ҳаракат қилди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Жон билан Люси унаштирилганликлари ҳақида эълон қилишди.
Ана шу урушнинг бошланиши эди — гражданлар урушининг эмас, балки Жон билан Люси ўртасидаги урушнинг.
Жон тентакларча рашкчи эди. Шу боис икковлари тўхтовсиз жанжаллашардилар. Линкольн II нутқ сўзлаётганда улар баҳслашиб қолдилар. Кейинги куни Люси Президентнинг ўғли Роберт билан рақсга тушаётганда, Жон кўриб, хафалашиб қолдилар. Люсининг отасини Президент Испанияга элчи қилиб тайинлаганда, уришиб қолишди. Ниҳоят, Люси унаштаришни бекор қилишни ва отаси билан Испанияга кетиши ҳақидаги қарорини айтганда, Жон портлаб кетди.
Жон хушмуомала, гаплари мулойим эди, аммо қилган ишлари ўта рашкчилигидан далолат берарди. Люси Жон билан ўзаро муносабатларидан шуни англаб етдики, одамнинг сўзлари ширин, аммо ўзи ёвуз ва шафқатсиз бўлиши мумкин экан. Шунинг учун у Жондан воз кечишга қарор қилди. Люсига ўн икки ёшида гулдаста ҳадя қилган одамга — Уилл Чендлерга турмушга чиқди, шубҳасиз, бунда қандайдир киноя бордай. Иккови биргаликда узоқ ва бахтли ҳаёт кечирганларига қарамай, Люси хушмуомала, аммо ишлари шафқатсиз эркак билан бўлган жўшқин ишқ-муҳаббатини унутмади. Нафақат Люси, балки бутун Америка ҳозиргача Жон Уилкс Бутни[74] эсдан чиқармаган[75].
Албатта, бу воқеада ёш қиз билан ишқ-муҳаббат қиссасидан ташқари ҳам кўп нарсалар бор. Аммо мен шуни истардимки, сиз бу воқеанинг ва воқеадан қаҳрамон олган сабоқнинг ҳозиргина биз хушхабардан ўқиганларимиз билан ўхшашлигига эътибор берсангиз. Ўша куни Исога хушмуомалалик билан, ҳурмат билан мурожаат қилишган. Бу сўзлар қотиллар томонидан айтилаётганини ким билибди?! Мана шунда хушомадгўйлик тўғрисидаги сабоқ мужассам. Хушомад сўзларини эшитганингизда, худди маҳорат билан нақшланган қинга қарагандай эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинг, чунки унисида ҳам, бунисида ҳам ажал келтирадиган қилич бор.
3-жанг. Узоқни кўра олмайдиганлар адашадилар
Эй саддуқийлар, чиқинглар! «Хонимлар ва жаноблар! Рингнинг чап бурчагида — жиддий мавқе эгаллаган, мувозанатини зўрға сақлаб турган Исроил аслзодалари, Исроил жамиятининг гуллари, чап либералларнинг энг чаплари — саддуқийлар».
Бу йўлбошчиларнинг кичик гуруҳи юнон фалсафасига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишарди. Улар Тавротнинг анъанавий талқини тарафдорларини ҳамон иккиюзламачиликда ва ортиқча консерватизмда айблаб келардилар. Сиёсий томондан улар анъанавий тизимни сақлашга уринаётган фарзийлардан фарқли ўлароқ, Рим ҳокимиятини қўллаб-қувватлардилар. Саддуқийлар ўзларини оддий одамлар деб ҳисоблар, нарига дунёдаги ҳаёт мавжудлигига ишонмасдилар. Фарзийлар эса шундай қилардиларки, нариги дунёга борганингизда қандай кийим кийишингизни батафсил тасвирлаб бера олардилар.
Одатда бу иккала гуруҳ одамлари деярли барча масалаларда мутлақо қарама-қарши фикрларга эга эдилар. Аммо Исонинг олдида улар ҳис қиладиган қўрқув туфайлигина улар бирлаша олардилар. Саддуқийлар пул алмаштирувчиларнинг ва Маъбаддаги каптар сотувчиларнинг фаолиятларидан яхши фойда олардилар. Масиҳ душанба куни Маъбадни савдогарлардан ва пул алмаштирувчилардан тозалаганда, улар дарров, Исонинг ақлини киритиб, бу ердан У тезлик билан жўнатишимиз керак экан, деган фикрга келдилар.
Саддуқийлар сўз жангининг учинчи усулидан — сафсатабозликдан фойдаланишади: «Агар ўш пайтда у ёки бу иш бўлса, вазият бундай бўлади…» Бу усулнинг тактикаси шундан иборатки, ҳақиқатдан узоқ бўлган қандайдир воқеани тасаввур қилиш, тасаввур қилинган шу вазиятни бемаънилик даражасига олиб бориш, кейин эса жавоблардан айб топиш.
Матто 22:24–28 ни ўқиб, уларнинг саволлари билан тўлиқ танишиб чиқишингиз мумкин. Агар сиз ҳикоямнинг қисқартирилган кўриниши билан қониқсангиз, у қуйидагичадир: «…Устоз, Мусо айтган эдики: «Агар одам фарзанд кўрмай ўлиб кетса, марҳумнинг укаси бевага уйланиши керак, токи акаси учун зурриёт тиклансин».
Орамизда етти ака-ука бор эди…ва давоми матн бўйича.»
Саддуқийлар ҳам, худди ўпишувчи балиқчалар сингари, ўз ҳудудларини қатъий туриб ҳимоя қилганлар.Улар ҳам худди бу балиқчалар каби узоқни кўра олмасликлари, дунёқарашларининг торлиги билан ажралиб турганлар. Улар арзимаган ер парчаси устида жанг қилганлар. Улар бепоён уммондаги миттигина оролча учун курашганлар.
Жамоатда ҳам ўз ҳудудини чегаралаб оладиган ва уни сақлаш учун курашадиган одамлар бор. Худо болалари оиласида арзимаган келишмовчиликни топиб, ўзларининг ҳаётини муросасизлик билан курашга айлантирадиганлар топилади. Якшанба ваъзидаги арзимаган камчиликларга ёпишиб оладиган ва ўзини адолатпарвар курашчи қилиб кўрсатадиган ҳеч бўлмаганда битта одам жамоатда топилади. Ҳеч кимга керак бўлмаган ҳудуд учун кураш олиб борадиган узоқни кўра олмайдиган мавжудотлар. Масиҳнинг жавобига биз алоҳида эътибор қаратишимиз керак: «Адашяпсизлар…» Хушхабарда қўлланган грекча гапнинг мазмунини мана бундай изоҳлаш мумкин: «Сизлар бемаъни гапни гапиряпсизлар. Сизлар энг асосийсини назардан қочириб, энди бирон нарсага эришиш учун айлана ичида югуриб айланяпсизлар».
Бир куни мен Деннис Tайснинг қўшиғини эшитдим. Қўшиқ бўлмағур нарсалар учун қилинадиган баҳслар ва жангларнинг бутун бемаънилигини ифодалаб турарди. Унинг ижозати билан мен ҳозир шу қўшиқнинг сўзлари билан сизларни таништираман. Қўшиқнинг номи «Одам ато билан Момо Ҳавонинг киндиги бўлганми?» Қўшиқнинг номи ажойиб, тўғрими?
Масиҳийлар иккинчи даражали нарсалар ҳақида баҳслашар эканлар, масиҳийлик жамоатларида келишмовчиликлар чиқаверади.
Масиҳ заминдаги ҳаётининг сўнгги ҳафтасида ҳаммамизга бир нарсани аён қилди. Раббий ёлғон муғомбирлик билан айтилган сўзларни эшитмай қолмайди. Дин раҳнамолари сўзга усталиклари ва сўз ўйинлари билан, хоҳлаганимиздай Масиҳни ўйната оламиз, деб ўйлаган эдилар. Аммо улар адашган эдилар.
Раббийни ҳийла-найранглар билан илинтириб бўлмайди. Унинг кўнглини хушомад сўзлар билан олиб бўлмайди, ақллилик қилиб, мантиқли бўлиб туюладиган назариялар билан Уни аҳмоқ қилиб бўлмайди. Бундай нарсалар Унга ўш пайтда ҳам таъсир қилмаган эди, ҳозир ҳам таъсир қилмайди.
Ўпишувчи балиқчанинг фожеаси шундаки, у асло узоқни кўра олмайди. Оғзи билан олиб борадиган уруши унга аллақачон таниш Маржон қоясининг бир парчаси бўлиб, шу жойдан очиладиган кўринишдан бошқа ҳеч нарса бермайди. Агар мен шу балиқча билан гаплаша олганимда эди, бир дақиқага бўлса-да, ўзининг ҳудудини ҳимоя қилиш иштиёқида ёнган ва ҳар қандай янгиликдан ўзини чегаралаб қўйган шу мавжудот билан учраша олганимда эди, мен ундан, атрофга назар ташла, деб илтимос қилган бўлардим. Эҳтимол, мен фикрларимнинг митти ҳудудини ҳимоя қилиб, муросасизлик қилганимда эди, кимдандир эшитишим зарур бўлган қуйидаги сўзларни айтган бўлардим: «Бирпасга ҳудудингнинг чегарасидан чиқ. Янги қояларни тадқиқ қилиш учун отлангин. Ўзингга нотаниш бўлган ерларга назар сол. Агар оғзингни ёпишни, кўзларингни очишни ўргансанг, сен кўп нарсаларга эришасан».
13-боб
Одам орзу қилишга журъат қила олмаган нарса
Жамият доимо ўз қаҳрамонларида ёрқин акс этади. У ёки бу халқни тушуниш учун унинг қаҳрамонларини ўрганинг. Биз орзуларимизнинг тимсоли бўлган одамларга ҳурмат кўрсатамиз. Бандитлар шафқатсизликни иззат қиладилар, қуллар озодлик курашчиларига ҳурмат билан қарайдилар. Тариқат аъзолари ўз раҳнамоларини худди даҳолар каби кўтар-кўтар қилганлар. Ожизлар — кучлилар олдида, эзилганлар — мардлар олдида таъзим қиладилар.
Натижада турли халқларнинг қаҳрамонлари сафида бир-бирларидан фарқ қиладиган одамларни кўриш мумкин: улар — Сталин, Флоренс Кайтингей, Питер Пэн, Жорж Пэттон, Марк Твен ва Тереза онадирлар. Уларнинг ҳар бири номи «халқ» бўлган китобдаги бобнинг сарлавҳасидир.
Аммо шундай бир афсонавий шахс борки, У бутун дунёдаги биронта халққа тегишли эмас, балки У бутун дунёники. Уни ҳамма жойда билишади. Унинг қиёфасини ҳам Африкада, ҳам Америкада бир хил танишади. Бутун оламда бу одам ҳақида ҳикоялар тўқилган, оғиздан-оғизга етказилган. Агар халқлар тўқиган афсоналарда биз уларнинг аксини топишимиз ҳақиқат бўлса, унда бу қаҳрамон бутун дунёни акс эттирган ойнадир. Биз у ҳақда билиб, ўзимиз тўғримизда кўп нарса билиб оламиз.
Баъзи мамлакатларда уни Синтор клаас деб аташади. Бошқаларида Пер Ноэль ёки папа Ноэль деган ном билан машҳур. Шунингдек, уни Хотеношо, Соннерклаас, Рождественский Дед, Желейний живот, инглиззабон халқлар эса уни Санта Клаус деб ҳам айтадилар.
Аслида унинг исми Николас бўлган эди. Бунинг маъноси «ғалаба қилувчи» маъносини билдиради. У милодий 280 йили ҳозирги Туркия ҳудудида дунёга келган. У тўққиз ёшида ота-онасидан айрилган, ота-онаси вабодан оламдан ўтганлар. Кўпчиликнинг фикрича, Санта асосан, ўйинчоқлар ишлаб чиқариш технологиясини ва маркетингни ўзлаштириб олган. Аслида Николас грек фалсафасини ва масиҳийлик таълимотини ўрганган.
IV асрнинг бошида Жамоат уни Мирликей епископи деб эълон қилиб, унинг хизматларини тақдирлади. Бу лавозимда у то умрининг охиригача — 343 йилнинг 6 декабригача фаолият юргизди.
Ҳозирда ҳамма уни авлиё деб эътироф этади. Аммо III асрда у жамият тинчлигини бузувчи деб, икки марта қамалган: биринчи марта император Диаклетнаннинг буйруғига кўра эътиқоди учун, иккинчи марта бошқа епископни (у, Санта итоаткор ва ювош одамларни яхши кўради, деб айтган) қизғин баҳс пайтида урганлиги учун.
Николас оила қурмаган, аммо бу дегани — у шафқатсиз ёки бағритош бўлган дегани эмас. У учта қизини боқа олмаган ёки уларни турмушга узатиш учун сеп йиға олмаган камбағал қўшнисига нисбатан кўрсатган олийжаноблиги туфайли машҳур бўлди. Николас кексайиб қолганда, қоронғуда қўшнисининг уйига писиб келди ва деразадан бир сиқим тилла тангаларни ташлади — қўшниси тўнғич қизига сеп тайёрлаши учун шунинг ўзи етарли эди. У кейинги икки кун давомида тунда шу сахийлигини такрорлади. Бу иши билан қўшнисининг қолган иккала қизини ҳам сеп билан таъминлади.
Бу воқеа кейинчалик Санта Клаус ҳақидаги афсонанинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Ҳар бир авлод бу воқеага ўзидан нимадир қўшишга ҳаракат қилган бўлса керак, шунинг учун у янги йил арчасидан ҳам гўзал ва чиройлироқ бўлди. Бир сиқим танга пул солинган қопларга айланди. Совғани энди уйга дераза орқали эмас, тутун чиқадиган қувур орқали ташлашади. Қоплар ерга тушиш ўрнига тўғри печка олдига қуритиш учун осилган қизлар пайпоқлари ичига тушади. (Ана, янги йили кечасида чиройли қизил пайпоқларни осиб қўйиш одати қаердан келиб чиққан.) Асрлар худди Николаснинг ишлари ҳақидаги ҳикоялар каби, унинг ташқи кўринишига ҳам яхши таъсир ўтказишди. Нафақат унинг ишлари ўзгариб кетди, балки кийими, ҳатто юз тузилишлари ҳам таниб бўлмайдиган даражага етди.
У Мирранинг руҳонийси бўлган пайтда одатдаги руҳонийлар кийимини киярди. Бошига эса митра киярди. Николас озғин, қора соқолли, умуман олганда, жиддий одам бўлгани маълум.
1300 йилга келиб Николаснинг соқоли оппоқ бўлиб қолганди. ХIХ асрга келиб, унга кичкина қорин, қўлига озиқ-овқат солинган сават осиб қўйишди. Тез орада бунга қора ботинка, қизил ёпинчиқ, бошига чиройли гулдор пайпоқ қўшилди. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида совғалар солинган сават ўйинчоқ солинган қопга айланди. 1866 йили у митти одамга айланиб қолди. 1930 йили эса ўрта бўйдан баландроқ, ёноқлари қип-қизил, қўлида кока кола идишини ушлаган бақувват одам қиёфасига кирди.
Санта Клаусда дунёдаги барча одамларнинг орзулари ўз аксини топган. Асрлар давомида у бизда бўлишини хоҳлаган барча хусусиятларнинг бекаму кўст йиғиндисига айланди.
Яхши одамларга ажойиб совғаларни етказиб бериш мақсадида ҳар қандай тўсиқларни енгиб, узоқ йўлни босиб ўтишдан эринмайдиган ғамхўр дўст.
Инсон қилган ҳар қандай ишни назардан четда қолдирмайдиган, эзгу ишларни қандай мукофотлашни, ёмонларини яширишни биладиган, ҳамма нарсадан хабардор донишманд.
Болаларнинг ҳеч қачон қаримайдиган ва касал бўлмайдиган дўсти.
Болалар унинг тиззасига чиқиб олиб, ўзларининг орзулари ҳақида айтиб бериш мумкин бўлган бобо.
Санта Клаус… Қаҳрамонларимизнинг энг буюги. Биз муҳтож бўлган нарсаларнинг тимсоли. Бор кучимиз билан интиладиган олий мақсад. Орзуларимиз чўққиси.
Ва… яширин умидларимизнинг пучга чиқиши.
«Нима? Нима? — сўрайсиз сиз. — Тушунтириброқ гапиринг».
Кўряпсизми, муҳтож бўлган нарсамизни Санта бизга бера олмайди. Биринчидан, у бизнинг хонадонимизга бир йилда бир марта ташриф буюради. Январь шамолларидан совқотганимизда, у йўқ бўлади. Декабрь ойидаги чиқимларимиз февралда қарзга айланганда, Сантани бирон дўкондан топиб бўлмайди. Апрель ойида солиқларни тўлаш пайти келганда ёки май ойида битириш имтиҳонлари бизни қўрқитганда Санта Клауснинг келишига ҳали бир неча ой бўлади. Агар июль ойида касал бўлиб қолсак ёки октябрь ойида ўзимизни ёлғиз сезсак, биз ундан таскин топа олмаймиз. У йилига бир марта келади, холос.
Санта келганда эса, келтирган совғаларининг мўл-кўллигига қарамай, у деярли ўзи билан ҳеч нарса олиб келмайди. У на ўлим қўрқувини, на ўтмиш хатолари юкини, на бизнинг ташвишларимиз ва зорланишларимизни олиб келади. У раҳмдил, эпчил ва ёқимли, аммо сиз ундан азоб-уқубатлар ва оғриқлардан халос бўлишни топа олмайсиз.
Мени тўғри тушунинг, мен Диккенснинг «Янги йил» ҳикоясидаги бағритош Окружнинг ниқобини киймоқчи эмасман. Мен қувноқ чолни хафа қилмоқчи ҳам эмасман. Афсоналар яратганимизда бу одамлар тилга олишдан қўрқадиган масалалар тўғрисида гапиряпман, холос.
«Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасдир, — дейсиз сиз. — Эҳтимол, VI асрлардан сўнг бизни бундай қўрқувлардан халос қила оладиган қаҳрамон пайдо бўлар».
Йўқ, биз бундай қаҳрамонни ўйлаб топа олмаймиз. Биз аллақачон ўзимиз учун жуда кўп қаҳрамонларни яратдик — қирол Артурдан президент Кеннедигача, Линкольндан Линдберггача, Суқротдан Санта Клаусгача, биз ҳатто Суперменни ҳам ўйлаб топганмиз. Ўзимиз журъат қила олган барча фазалатларни, ўзимиз тасаввур қила олган ғайриоддий кучни ўз қаҳрамонимизга муносиб деб билдик. Биргина ёрқин лаҳза учун бизга керак бўлган қаҳрамонимиз — Камелотни озод қилган қиролимиз бор. Ҳақиқат эса аста-секин юзага чиқа бошлайди, далиллар аниқлашади, кийим-бошлардаги камчиликлар кўриниб қолади. Шунда қаҳрамонларимиз-улар қанчалар жасоратли бўлмасинлар, қандай қаҳрамонлик мўъжизаларини кўрсатмасинлар — бизнинг биримиз бўлиб қолишни, ҳалокатга учраётган жамиятнинг аъзолари бўлиб қолаверишларини англаб етамиз. Фақат Биттасидан ташқари. Ўзи ҳақида бошқа оламдан келганини айтган Биттаси бор. Ўзининг инсоний табиатига қарамасдан илоҳий келиб чиқиши ҳақида айтган Ўша бор. Оддий яҳудий қиёфасида бўлса ҳам, Яратганнинг тимсолида келган Ўша бор. Уни ўз кўзлари билан кўрганлар Унда ўзига хос нимадир борлигини билганлар. У кўзи ожизларнинг кўзига қўл текизганда, уларнинг кўзлари очилган. Туғма шол одамлар юра олишлари учун Унинг айтган биргина сўзи кифоя қилган. Ҳаётини мақсадсиз ва бемаъни деб ўйлаган одамлар у билан учрашиб ҳаётларининг мазмунини топганлар.
У минглаб одамларни бир сават озиқ-овқат билан тўйдирган. У бўронга, жим бўл, деб буйруқ бериб, уни тинчлантирган. У ўликларга шунчаки мурожаат этиб, уларни тирилтирган. У, бизнинг ҳаётимизни ўзгартиргин, деб илтимос қилган одамларнинг илтимосларини қондирган. Битта мамлакатда яшаган ҳаёти орқали, қандайдир охурда туғилган ва тоғда ўлган Ўша тарих йўлини абадий ўзгартирган.
Ҳаётининг охирги ҳафтасида Унинг ким эканлиги тўғрисидаги барча саволлар бир нарсага қаратилган эди. У Ўзи ҳақида гапириб, шогирдларидан: «Сизлар Масиҳ ҳақида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг Ўғли?»[77] деб сўради.
Ниҳоятда чуқур мазмунли савол. Аниқ таъриф. «Нима» деган саволга «Ким» деб жавоб беради. Сизнинг Масиҳ хақида ўйлаганларингиз У кимнинг Ўғли эканлиги билан чамбарчас боғланган. Эътибор қилинг: У «Сизлар Масиҳ ва Унинг таълимоти ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» ёки «Сизлар Масиҳ ва Унинг ижтимоий муаммоларга муносабати ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» ёки «Сизлар Масиҳ ҳақида ва Унинг йўлбошчилик қобилияти ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» деб сўрамайди.
Уч йиллик хизматдан, юзлаб километрлаб йўлдан, амалга оширилган минглаб мўъжизалардан ва сон-саноқсиз ваъзлардан сўнг Исо: «Ким?» деб сўрайди. Масиҳ одамларни Ўзининг қилган ишлари ҳақида эмас, Унинг Ким эканлиги тўғрисида ўйлаб кўришга даъват қилади.
Мана, Масиҳ ҳақидаги асосий савол: «У кимнинг Ўғли?» У Ким — Худонинг Ўғлими ёки бизнинг энг яхши орзуларимизнинг умумлашган тимсолими? Оламнинг яратувчисими ёки бизнинг тасаввуримиз маҳсулотими?
Санта Клаус ҳақидаги ўша саволни бериб, У бизнинг истакларимиз тимсоли, биз ўз орзуларимизда яратган тимсол деб жавоб бера оламиз.
Исо билан боғлиқ вазият эса тамомила бошқача. Ҳеч ким ва ҳеч қачон бундай ғаройиб шахсни ўйлаб тополмасди. Худо бокира қиздан туғилиш учун танлагани ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ…Унинг инсон танасида бўлиши — худди шундай соч, бармоқлар, иккита кўз ҳақида эслатиш… Олам Шоҳи ҳам акса уриши мумкинлиги, У кекириши ва Уни пашшалар чақиши ҳақидаги фараз…Ишониш жуда қийин. Ниҳоятда кишининг ғашига тегадиган.. Биз ўзимиз учун ҳеч қачон бундай Нажоткорни яратмаган бўлардик. Биз бу даражада жасоратли эмасмиз.
Биз ўзимиз учун халоскор яратсак, уни бехатар жойга — ўзимиздан узоқ қасрга жойлаштирамиз. Биз фақат вақти-вақти билан ўзимизга яқинлашишга имкон берамиз. Биз унга яқинлашишга улурмаслигимиз учун у чанасида худди шамол сингари учиб ўтиб кетади. Биз унга ёмон, қабиҳ одамлар орасида жойлашишни таклиф қилмаймиз. Энг юксак орзуларимизда ҳам ўзимиздан биттамизни шоҳ қилиб ярата олмаймиз.
Худо эса буни қилди. Биз ҳатто орзу қилишга ҳам журъат қила олмаган ишимизни у қилди. Биз Унга ишона олишимиз учун У инсон бўлди. Биз Уни танишимиз учун У У ўзини қурбон қилди. Биз Унинг изидан бора олишимиз учун У ўлимни енгди. Бу соғлом ақлга қаршилик қилади. Бу — илоҳий тентаклик, муқаддас ақлга номувофиқлик, фақат ўзимиз пайдо қилган ғовлар ва соғлом фикрдан ташқарида бўлган Худогина шундай бемаъни режани ярата олади. Аммо айнан бунинг ҳаммаси мумкин эмаслиги бу режани амалга ошириш имконини беради. Бу воқеаларнинг ғаройиблиги — унинг ҳақиқий эканлигига энг чинакам гувоҳдир.
Фақат Худо шунчалик ақл бовар қилмайдиган режани ярата олган. Бизнинг мантиқимиз чегарасидан ташқарида бўлган Яратувчигина бизга шундай севгини инъом қила олади.
Инсон қила олмайдиган ишни Худо қилади. Агар сизга совғалар, конфетлар, қизил ёноқлар ва шимол буғилари қўшилган чаналар керак бўлса, Шимолий қутбга боринг.
Агар гап абадийлик, кечирим ҳаётдаги мақсад ва ҳақиқат ҳақида борса, Байтлаҳм яқинидаги қўйлар қўтонига боринг. У ерда чўпонлар билан бирга таъзим қилинг. Инсон ҳатто орзу қилишга ҳам журъат эта олмаган ишни қилган Раббий олдида таъзим қилинг.
14-боб
Тафсилотми ёки хочми?
Менга компьютерлардаги бир хусусият ёқмайди. Мен аслида нимани хоҳласам эмас, балки нимани буюрсам, улар шуни қилишади.
Мана, сизга бир мисол: мен хато қилиб, бир тугма ўрнига бошқа тугмани боссам, экран катта-катта ҳарфлар билан тўлади. мен бу тартибсизликларга қараб, шундай дедим: «аммо булар мен хоҳлаган нарса эмас-ку!» Кейин мен хатоимни тузатдим. Ёки яна: мен бир ҳарфни ўчирмоқчи бўлдим, аммо бутун сўзни ўчириб қўйдим. «Мен бундай қилишни хоҳламагандим-ку!» тўнғилладим мен бир кўзли махлуққа қараб. Яна бир хатомни тузатишга тўғри келди.
Албатта, бу бефарқ машинага нисбатан қаттиққўл бўлмаслигим керак (мен яна бошқа тугмани босиб қўйдим, шекилли). Аслида, бу ишимда фойдаланадиган оддий бир асбоб, холос. Компьютер менинг фикрларимни уқиб ола билмайди. (Умуман олганда, унинг нархини ҳисобга олсак, ҳеч бўлмаганда, доимо бир хил хатони қилишдан асраса бўларди.) Компьютер буйруқларни бажаради. У ўйламайди, у савол бермайди. У ҳеч қачон жилмаймайди, мониторини силкитмайди. У менга шундай гапларни айтмайди: «Макс, Макс! Сен нима қилмоқчи эканингни биламан. Сен, ахир, тугмани босиб, бу парчани ўчириб ташламоқчи бўлмадинг-ку. Агар сен ҳозир экранга назар ташласанг, хатоингни кўрардинг. Аммо буни сен ўзинг кўрмаганлигинг ва биз икковимиз яхши дўстлар бўлганимиз учун (сен мени токка тиқиб, экрандан чангимни артасан) мен сен учун нотўғри тугмани босиб берган буйруғингни эмас, керак нарсани қиламан».
Компьютер бундай қилмайди. Компьютер фақат қоидага қараб иш тутади, у ҳиссиз прагматикдир. Тугмани босинг ва у сизнинг буйруғингизни бажаради. Дастурни ўрганинг ва у сизга қоғозни чиқариб беради. Аммо қандайдир сўзни тушириб қўйсангиз, кейин уни ҳаётга қайтариш учун тун бўйи азоб чекишингизга тўғри келади.
Компьютерда юрак йўқ. Ноутбукингиздан ҳамдардлик кутманг. Қаттик дискни қаттиқ деб айтиш учун асос бўлмаса, одамлар уни қаттиқ деб айтмаган бўлардилар.
Баъзи одамлар Худо ҳақида гапирганларида компьютер тимсолларидан фойдаланадилар. Худо — бу катта компьютер. Муқаддас Китоб — ундан фойдаланиш учун қўлланма. Муқаддас Руҳ — дискета, Масиҳ эса туну кун ишлайдиган бепул техник ёрдам хизмати.
Бундай таълимотни «компьютерлашган» масиҳийлик деб атаса бўларди. Керакли кетма-кетликда тугмаларни босинг, кодни киритинг, кейин зарур маълумотларни киритинг. Ана, принтер аллақачон халос бўлишингиз ҳақидаги сертификатни босиб чиқаради.
Бу маълум маънода эътиқод профессионаллигидир. Сиз ишнинг ўзингизга тегишли қисмини бажарасиз, илоҳий Компьютер эса ўзиникини бажаради. Ибодат қилишга эҳтиёж йўқ (клавиатура сизнинг қўлингизда-ку). Ҳис-туйғулар ва кечинмалар керак эмас. (Контактлар, симлар ва бошқа қисмлар билан қучоқлашишдан нима фойда?!). Сиғинишга келсак, у қандайдир маънода лаборатория тажрибасига айланади: маросимлар ва урф-одатлар киритилади, натижада нима бўлиши кузатилади.
«Компьютерлашган» эътиқод. Ҳеч ким тиз чўкмайди. Кўз ёшлари йўқ. Миннатдорчилик ҳисси йўқ. Ҳис-туйғу йўқ. Ҳаммаси жуда яхши боряпти. Аммо бу сиз хато қилмагунингизча давом этади, холос, сиз адашмагунингизча, нотўғри маълумотни киритмагунингизча ёки ҳужжатлардаги ўзгаришларни сақлаб қўйишни унутмагунингизча давом этади, чақмоқ чақмагунча, уйингиз электр токисиз қолмагунча давом этади. Шунда жуда афсусланиб кетаман, сизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. «Компьютерлашган» эътиқод ана шундай пайдо бўлади.
Сиз Барҳаёт Худони ўлик тизим билан;
битмас-туганмас севгини бюджетнинг расмий мақолалари билан;
Масиҳнинг буюк қурбонлиги одамнинг аянчли ютуқлари билан алмаштирганингизда шу содир бўлади.
Агар сиз Худога худди компьютерга қарагандай, масиҳийга эса рақамлар ичида ботиб қолган, экран бўйлаб курсорни ҳаракатлантирадиган компьютер чувалчангига қарагандай қарасангиз, мана шу «компьютерлашган» эътиқоддир. Худо бундай эътиқоддан нафратланади. Бу эътиқодУнинг халқини ҳалок қилади. У Худо халқининг раҳнамоларини булғайди. У Худонинг болаларини чиритади.
Буни мен қаердан биламан? Унинг Сўзидан. Масиҳ қоидалар мажмуи асосидаги эътиқодни қоралайди. У фарзийларнинг совун кўпигига ўхшаш барча қоидаларини бирин-кетин ёрилишга мажбур қилади. Масиҳ сешанба куни айтган ваъзи билан уларни ҳар жойларга қочишга ҳам йўл қолдирмасдан, отиб ташлайди. Раббий «тизим орқали нажот топиш» ғоясини қабул қилмаслиги ҳақида айтади.
Ўйлайманки, биттагина оддий масала фикримни тушунарлироқ ифодалашга менга ёрдам беради. Мана бу гапда тушириб қолдирилган сўзни қўйишга ҳаракат қилинг: Одам ____________ туфайли Худо олдида ўзини оқлайди.
Бу гапда ҳеч қандай мураккаб жойи йўқдай туюлади. Аммо сизни бу жумланинг қисқалиги ва оддий бўлиб туюлгани алдамасин. Сиз бўшлиқни тўлдирадиган нарса жуда муҳим. Чунки бу сизнинг эътиқодингиз моҳиятини акс эттиради.
Инсон Худо олдида ____________ туфайли оқланади.
...Яхши хулқи. Агар одам ўзини яхши тутса, Худо билан ярашиб олиши мумкин. Солиқларни тўланг. Оч қолганларга нон беринг. Тезликни оширманг. Кўп ичманг, ёки умуман ичманг. Ўзингизни масиҳийларга ўхшаб тутинг — мана ҳамма сир шунда.
...Aзоб-уқубатларга. Мана жавоб! Мана, қандай қилиб Худо билан ярашиш мумкин — азоб чекиб. Ерда ухланг. Чангалзорга бориб, ўша ерда яшанг. Безгак юқтиринг. Қашшоқларча ҳаёт кечиринг. Совуқда қолиб, ўзингизга азоб беринг. Кечалари ухламасдан, ўзингизни азобланг. Қирилган бош, яланг оёқлар… Азоб-уқубат қанча кўп бўлса, сиз шунчалар буюк авлиё бўласиз.
Йўқ, йўқ, йўқ! Сиз қандай қилиб Худо билан ярашасиз? Ҳақиқий таълимотингиз туфайли. Ҳақиқатни тўғри тушуниш. Ҳеч қандай сир қолдирмайдиган аниқ илоҳий тушунчалар ва қоидалар. Мана, Масиҳнинг Минг йиллик шоҳлиги ҳақида соддалаштирилган таълимот. Мана илоҳий руҳдан илҳомланиш тушучасининг аниқ баёни. Аёлнинг жамоатдаги ва ҳаётдаги вазифаси аниқ ва абадийга аниқланган. Худо бизни қутқариши керак — биз буни Ундан кўра кўпроқ биламиз.
Биз Худо билан қандай ярашишимиз мумкин? Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси аллақачон қилинган. Бу фикрларнинг барчаси ҳақида ўз навбатида ҳаётга татбиқ этилган бутун бошли таълимотлар яратилган. Аммо бу қарорларнинг биронтасини ҳам Худо айтмаган.
Муаммо ҳам шунда-да. Юқоридагиларнинг биронтасини ҳам Худо айтмаган. Буларнинг барини одамлар ўйлаб топган. Бу тўғрида ўйлаб кўринг. Юқорида келтирилган мисолларнинг барчасида асосий ҳаракатлантирувчи куч ким — инсонми ёки Худоми? Ким бизга нажот беради: сизми ёки Уми?
Агар биз яхши ишларимиз туфайли нажот топа олсак, бизга Худо керак эмас. Ҳар ҳафтада нима қилишимиз керак ва нима қилишимиз керак эмаслиги тўғрисидаги рўйхатни ўқиш етарли — биз осмонда бўламиз. Агар биз азоб-уқубатлар ёрдамида қутулсак, Худо бизга ҳам керак бўлмайди. Бундай вазиятда бизга керак бўладиган нарса — қамчи, кишанлар ва доимий айбдорлик туйғуси. Агар биз таълимотимиз туфайли нажот топа олсак, келинглар, ўқийлик! Бизга Худо керак эмас, бизга яхши луғатлар, ўқув адабиётлари керак. Ўқинг, ўрганинг, ҳақиқатни юзага чиқаринг.
Аммо бу ерда ҳам хавф яширинган. Агар сиз таълимотнинг ҳақиқийлиги сабабли халос бўлишга эришсангиз, унда ҳар бир хато ҳалокатли бўлиши мумкин. Бу — эзгу ишлари туфайли Худо билан ярашмоқчи бўлаётганларга ҳам тааллуқли. Ўйлайманки, васвасаларни енгиш учун доимо кучингиз етади. Агарда бунга қодир бўлмасангиз, ҳар бир ишингиз ҳалокатли бўлиши мумкин. Азоб-уқубатлар тортиш туфайли нажот топиш мумкин, деб ўйлайдиганлар ҳам эҳтиёт бўлишлари керак: айнан қанча азоб-уқубат тортиш кераклигини сиз қаердан биласиз?
Умуман, ўзингизга ўзингиз нажот бермоқчи бўлсангиз, сиз ҳеч нарсага ишона олмайсиз. Сиз қанча азоб чекдингиз, қанча йиғладингиз ёки етарлича билимга эгасизми ёки йўқми — аниқ айта олмайсиз. Мана, «компьютерлашган» эътиқоднинг мевалари: қўрқув, ишончсизлик, иродасизлик, ва энг ажабланарлиси, такаббурлик. Ҳа, айнан такаббурлик. Бирон нарсага тўла ишончи бўлмаган одам одатда ҳаммадан кўп мақтанади. Ўзлари нажот топишга ҳаракат қилаётганлар ўз ишларини кўз-кўз қиладилар. Азоб-уқубат билан нажот топишга ҳаракат қилаётганлар ўзларининг кўкарган, яра бўлган жойларини кўз-кўз қиладилар. Нажот топишини ҳиссиётда деб билганлар ҳис-туйғуларини кучли намоён қилиш имконини қўлдан бермайдилар. Таълимотларининг ҳақиқийлиги туфайли нажот топишга умид боғлаганлар — ўзингиз сезган бўлсангиз керак — албатта, шу таълимот ҳақида кўп гапирадилар.
Фарзийларнинг шундоққина пешонасига ёзилган эди: «…омборларини кеенгайтирадилар»[78], ёки кийим-кечаклари тўғрисида ёзилган эди: «…кийимларининг гажимларини узунроқ қиладилар»[79]. Бундан ташқари, улар ўзларига энг яхши жойлар берилишини талаб қиладилар: «…шунингдек, зиёфатларда тўрда ва ибодатхоналарда ҳурматли ўринларда ўтиришни яхши кўрадилар»[80]. Шунингдек, улар ўз унвонлари билан жуда ғурурланардилар: «Бозор майдонларида одамлар уларга салом беришларини, «Устоз» деб мурожаат этишларини ёқтирадилар»[81].
Фарзийлар жуда такаббур бўлганлар. Улар такаббур эдилар, чунки ўзларича ҳақиқатгўй эдилар. Улар ўзларининг назарида ҳақиқатгўй эдилар, чунки ҳақиқатга Худосиз эришишга ҳаракат қилардилар. Улар ибодатхонани компьютерга ўхшатиб олишди. Ибодатхоналар программистлар курсига, урф-одатлар, маросимларни фарзий-программистлар дастурларини ёзадиган клавиатурага айлантирдилар. Уларнинг қўлларида ҳукмронлик бор эди, улар ҳақ эдилар ва шуни билардилар…« Улар ҳамма ишларини, бошқалар кўрсин, деб қиладилар, туморларини каттароқ, попукларини узун қиладилар»[82].
Булар эса Масиҳни ғазаблантирарди. Шундай ғазаблантирардики, унинг фарзийларга қарата айтган охирги ваъзи севги, ҳамдардлик ёки хушхабарни ёйиш ҳақида бўлмади. Бу ваъз сохта эътиқод ва бўш қалблар ҳақида бўлди. Бу — тафсирчи раҳнамоларнинг тўғридан-тўғри юзига айтилган айблар бўлди.
Масиҳ Ўз ваъзида уларни олти марта кўзбўямачилар, беш марта кўрлар деб айтади. У фарзийларнинг осмонлардан дўзахни устун қўйишларини, у ерга ўзлари билан бошқаларни ҳам судраётганларини айтиб, ўз жонига қасд қилувчи фаталистликда айблайди. Улар эзгу хабарни бўлмағур афсоналар ва ирим-сиримлар билан мураккаблаштирадилар, улар қурбонликлари билан ғурурланадилар, аммо яқинларига хизмат қилиш зарурати пайдо бўлганда, ўзларини олиб қочадилар[83].
Уларнинг эътиқодлари худди ачиб қолган ва моғорлаган нўхат шўрва солинган косадан овқатланиш каби гўзал эди, худди қабрдаги мой каби хушбўй эди. Улар худди Фредди Крюгер каби беозор ва кўшмачилар каби самимий эдилар. «Сизлар илонсизлар» деган эди Масиҳ уларнинг кўзларида Момо Ҳаво Адан боғида кўрган шуълага ўхшаш шуълани кўриб.
Масиҳ ҳаётининг сўнгги ҳафтасида хижолат бўлган пайғамбарлардан ва Унинг олдига илтимос билан келган одамлардан ғазабланмади. Аскарлар Уни азоблаётганларида, Ўзини йўқотиб қўймади. Пилатнинг саволини эшитиб портлаб кетмади. Аммо у бир нарсага — эътиқод орқали бойлик орттириш ва обрў учун фойдаланадиган мунофиқона эътирозга чидай олмасди.
Ўттиз бешта оловли оятнинг барчасида бир савол бор эди: «Сизлар жаҳаннам оловидан қандай қутуларкансизлар?»[84] Яхши савол. Фарзийларга қаратилган савол, аммо сиз билан биз учун ҳам муҳим. Биз Худо ҳукмидан қандай қилиб қутулмоқчимиз?
Биз бир сўз тушиб қолган гапга қайтиб, бўшлиқни тўлдирсак, ушбу саволга жавоб бера оламиз. Одам __________ туфайли Худо олдида оқланади. Қизиқ, бу сўзлар илк бор фарзийлар томонидан ёзилгани тўғри бўлса керак, охири илгари фарзий бўлган одам томонидан. У «диний компьютер» экранига тикилиб, маълумот олди. У ёш ва келажаги бор илоҳиётчи-программист эди. У ҳеч тутилмасдан, ҳар қандай илмоқли саволга ҳам жавоб бера олар, энг қийин топишмоқни ҳам еча оларди. Аммо Масиҳ берган жиддий саволга у жавоб бера олмасди.
Қизиқ, Масиҳ: «Жаҳаннам оловидан қандай қутуларкансизлар?» деган саволни берганда у ўша ерда бўлганмикан? Эҳтимол, бўлгандир. Эҳтимол, Унинг ёшли юзи Исони ўраб олган оломон орасидан кўрингандир. Балки, У хат ўрамларини қўлтиғига қисиб, қошларини чимириб, ўша ерда тургандир. Тафсирчилар орасида ўзига лойиқ жойни эгаллашга тайёр ва улар ишининг муносиб давомчиси. У ўша ерда бўлганмикан? Агар бўлган бўлса, тафсирчиларнинг биронтаси ҳам Масиҳнинг саволига жавоб бера олмагандай, Унинг ҳам шу саволга жавоби бўлмаган. Кимки ўзига ўзи нажот бермоқчи бўлса, Худо ҳузурида сукут сақлайди. Тўсатдан бизнинг барча муносиб интилишларимиз бор-йўғи аянчли кучанишлар бўлиб қолади, холос. Худо ҳузурида бўлишга журъатингиз етадими? Сиз азоб-уқубатларингиз, қурбонликларингиз ёки билимингиз туфайли нажот топишни талаб қила оласизми? Менинг ҳам бунга журъатим етмаган бўларди. Павлус ҳам шундай қила олмади. Унинг ўзи биргина гап билан ифодалай оладиган нарсани англаши учун ўнлаб йиллар керак бўлди.
«Одам имони билан оқланади»[85]. Эзгу ишлар қилган, азоб-уқубатлар чеккан ва билимли одам эмас. Буларнинг ҳаммаси нажот топган одамнинг ҳаёти келтирадиган самаралар бўлиши мумкин. Аммо буларнинг биронтаси ҳам нажот топиш учун асос бўла олмайди.
Сиз қандай қилиб Худо ҳукмидан қочиб қутула оласиз? Бунинг фақат битта йўли бор — Худонинг Ўзи келтирган қурбонликка имон келтириш билан. Гап — сиз нима қилишингизда эмас; гап — Унинг Ўзи нима қилганида.
Айтгандай, компьютерим илгаригидай жаҳлимни чиқаряпти. У илгаригидай, мен нима хоҳласам эмас, балки унга нима буюрсам шуни қилади. (Ана, яна бошқа тугмачани босиб қўйибман.) Мен бошқа тугмачани босаман. У эса итоаткорлик билан хато буйруқни бажаради. Шу боис мен уни фойдаланиш учун қўлланма ёзганлар атайдиган ном билан атамайман. Бу шахсий компьютер эмас, балки совуқ, ҳиссиз ва менинг туйғуларимга бефарқ махлуқдир.
Унинг ўрнида ҳақиқий шахсий компьютер бўлганда эди, ў ўзини бутунлай бошқача тутган бўларди. Ўша компьютер асло менинг компьютерим бўлмаган, аксинча, дўстим бўлган бўларди.
Мен буюрган нарсани эмас, керакли нарсани қиладиган дўстим. Кечқурунлари ўчириб, кундузи ёқиш керак бўлмайдиган дўстим.
Шундай компьютер бормикан? Биламан, биламан, мен амалга ошмайдиган нарсани талаб қиляпман. Шундай Раббий бормикан? Бу ҳам мумкин эмас. Аммо У айнан шундай Раббий. Нимага энди одамлар Уни ўзларининг Нажоткори деб айтмас эканлар?
15-боб
Содда имон
Болаларга, ухла, десангиз, ёқмайди. Биронта бола, ҳали кеч бўлгани йўқ, кун ҳам кеч бўлмади, нега мени ухлатяптилар, деб тушунмайди.
Менинг фарзандларим ҳам бундан мустасно эмаслар. Бундан бир неча кун олдин узоқ тортишувлар ва сон-саноқсиз хўрсинишлардан сўнг, қизларим охири, тунги кийимларини кийиб, жойларига ётганларида, мен уларни ўпиб қўяй, хайрли тун тилай, деб уларнинг ётоқхоналарига кирдим. Беш ёшли Андреа ҳали ҳам ухламаган экан. У кўзларини юмиб олган бўлса-да, ҳамон уйқу билан курашарди. Мен унга хайрли тун тилаганимдан кейин, кўзларини юмиб, уйқуга кетиш олдидан: «Тезроқ уйғонсайдим», деб ғудранди.
Эҳ болалар, болалар! Уларда қанадайдир сўнмас, енгилмас ҳаёт ташналиги бор. Улар «эрта»ни доимо орзиқиб кутадилар. Уларнинг ҳаётий фалсафаси оддий: «Бор кучингни сарфлаб ўйна, чин юракдан кул, барча ташвиш ва ғамларни эса дадангга бер». Эътиқоднинг туганмас булоғи отилиб турган кўтаринки руҳнинг қудуғи. Масиҳ: «Осмон шоҳлигига киришингиз учун юракларингиз худди болаларникидай бўлиши керак», деб айтганига ажабланмаса ҳам бўлади.
Ж. Филипс бу хашхабар воқеасини қайта ҳикоя қилган эди, бу менга жуда ёқади. «Масиҳ олдига бир болакайни чақирди ва уни йиғилганларнинг олдига ўтқазди. — Менга ишонинг, — деди у. — Агар сиз дунёқарашингизни ўзгартирмасангиз, кичкина боладай бўлмасангиз, сизлар ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсиз»[86].
«…дунёқарашингизни ўзгартирмасангиз» сўзларига эътибор қилинг.
Бу жиддий талаб. Ҳаётга катталар каби қарашни бас қилинг ва унга болалар кўзи билан қаранг. Бу маслаҳат соғлом фикрловчи, жиддий, доимо қовоғи солиқ биз — катталар учун жуда муҳимдир.
Ўзларини бутун ер шарини елкасида тутиб турган атлантлар каби
ҳис қиладиганлар баъзида шу сўзларга қулоқ солсалар ёмон бўлмасди. Кимки «Тезроқ уйғонсам эди», деб кам айтса, у доимо «Тезроқ уйқуга ётсайдим», деб ўйлайди.
Бундай вазиятда биз билан болалар ўртасида қандайдир ўхшашлик бор. Биз ҳам, болалар ҳам баъзида норози бўламиз. Бу норозилик уйқу билан боғлиқ. Фарқи шундаки, улар ғингшийдилар, чунки ухлашга ётишни хоҳламайдилар. Биз ўриндан туриш вақти келганда зорланамиз.
Нега шундай эканини тушуниш қийин эмас.
Уйғонгач, атрофимиздаги дунёга шўнғиш кимга ёқади?! Кечикишлар, автомобиль тиқилинчлари, норози бошлиқлар, ур-сур кўчалар. Юзингни ёстиққа босиб ётиш тер тўкиб ишлашдан кўра анча ёқимлидир.
Кўпчилик бир сабабга кўра норози бўладилар: улар кўпинча бўлиб ўтаётган воқеаларни тушуниб етмайдилар. Дунёда оддий, самимий нарсалар қолмагандай туюлади. Сиз яқин орада турар-жой учун кредит тизимини ўргандингизми? Балки турмуш ўртоғингизнинг ҳиссий ҳолатини ўрганишга урингандирсиз? Идорангиз учун янги телефон сетини сотиб олдингизми? Микроволновка печини тузатишга ёки шифокорингизнинг тушуниб бўлмайдиган ёзувини ўқишга ҳаракат қилдингизми? Ундай бўлса сиз нима деяётганимни тушунасиз. Эҳтимол, эътиқодда биз жавоб топа олармиз? Биз — масиҳийларда бу дунёга ҳукмронлик қиладиган хижолатпазликка қарши дори бор, шундай эмасми? «Инсоний хатолардан пайдо бўладиган хижолатпазликдан воз кечинг, — деймиз биз, — эътиқоднинг соғлом ва мусаффо боғига киринг».
Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик. Кўпинча одамлар «соғлом ва мусаффо боғ»нинг ўрнига қандайдир аҳмоқона ва бемаза томошага кириб қолганларини англаб қоладилар. Бир неча қадам орқага чекиниб, эътиқодни нотаниш одам кўзи билан кўришга ҳаракат қилинг. Шунда сиз аттракционлар боғи билан қиёслаш шундоққина ўз -ўзидан келиб чиқишини тушунасиз.
Расмий тантаналарда ёқиладиган чироқлар. Худди америкача аттракционларда нафасинг ичингга тиқилганига ўхшаш каби ҳиссиётлар. Баланд мусиқа садоси, қилиғи ғалати ва масхарабозларга ўхшаб кийимлар кийган одамлар.
Худди кўча томошалари жарчиси каби воизлар чарчаш нималигини билмай бақириб-чақирадилар: «Олий фаришталар ва бахтиёр қалбларнинг самовий умидлари Жамоатига марҳамат қилинг!» «Хоним, бу ёққа, ёу ёққа! У жамоатда сизга ўхшаганларни ёқтирмайдилар. Бизникига кириб ўтинг — бу покланиш ва ўзини ўзи тасдиқлашга олиб борадиган муқаддаслашиш орқали нажот топишга ўргатамиз, албатта, агар сиз ўзингиз учун …берадиган аниқлик йўлини танламасангиз».
«Бир дақиқа, жаноб! Бизнинг калвинист йўналишидаги нохаризматик хизматимизга ташриф буюринг — афсусланмайсиз».
Хуллас, «соғлом ва мусаффо боғ»ми? Бир куни нотаниш аёл менга: «Мен Исо ҳақида билишни истардим, аммо мен бутун эътиқод орқали ўта олмайман», деб айтганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.
Унинг сўзлари остига яна минглаб одамлар имзо қўйган бўлардилар. Шу минглаб имзолар орасида, балки, сизнинг ҳам имзоингиз бўлар.Эҳтимол, бир куни уйғониб, менинг кичкина қизим яшайдиган қувноқ, тинч ва ишончли дунёда бўлиб қолишни орзу қиларсиз. Бу оламдан сиз қидирган нарсангизни топа олмадингиз ва шунинг учун очиқ турган жамоатхона эшикларига мўраладингиз. Аммо у ерда кўрганингиз ҳам сизга ишонч бағишламайди.
Балки, сиз жамоатхона эшигидан мўралаб қолмай, у ерга киргандирсиз, у ерда сиз учун иш ҳам топилгандир. Сиз хайрия ошхонасида нонвой бўлиб ишларсиз, хасталардан хабар оларсиз, жамоатчилик йўли орқали меҳнат қиларсиз, ҳатто ваъз ҳам қиларсиз. Аммо хотиржамлик ўрнига, ўзингизга ғалва орттириб олдингиз. Энди сиз ҳайрон: ахир, Масиҳ, хотиржам, тинч бўласиз, деган эди-ку. Аммо сизнинг ҳозирги ҳолатингиз бундан жуда узоқ, кўриниб турибдики, сиз ниманидир нотўғри қилгансиз. Раббий сизга ваъда бериб, кейин ўз ваъдаларини бажаришдан бош тортмаган бўларди. Шундай эмасми? Дунёда ва жамоатхонада юз бераётган воқеаларни кўриб, хижолат бўлиш билан бирга, бу ҳаётда бирон нарсани тушуна олмаслигингиздан ҳам хижолат бўла бошлайсиз.
О, масиҳийча ҳаёт қанчалар оғир! Ғам-ташвишлар бу ҳаётда намунча кўп!
Аммо у шундай бўлиши керак. Раббий мураккаб эътиқод тизимларини ўйлаб топмаган, яратмаган. Бунга ишонч ҳосил қилишингиз учун Матто хушхабарининг 23-бобини ўқиб чиқиш етарли. Бу бобда Масиҳ бемаъни эътиқодга қақшатқич зарба беради.
Эҳтимол, сиз олдин Масиҳни рангпар, уятчан ва тортинчоқ деб тасаввур қилгандирсиз. Бу бобни ўқинг, ана шунда болаларни фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур қилаётган қўшмачиларни фош қилувчи ғазабнок отани кўрасиз. Исо уларни олти марта иккиюзламачилар, беш марта кўрлар деб атайди, етти марта қоралайди ва бир марта улар ҳалокатга учрашларини башорат қилади. Жамоатчилик билан алоқалар ҳақидаги ҳозирги замон тасаввурларига унчалик ўхшамайди-а.
Аммо бу сўзларнинг ҳайқираётган оқими орасидан мустаҳкам заминни, бехатар насиҳатлар оролчасини ҳам топишимиз мумкин. Оловли отишмалар орасидаги танаффуслардан бирида Масиҳ қуролини қинига солиб, бу воқеаларга ҳайрону лол бўлиб қараб турган шогирдларига қарайди. Сўнг уларга оддий эътиқод нима эканини тушунтиради. Бор-йўғи бешта оят, улар қанча қисқа бўлса, шунча фойдали. Буни масиҳийликни «мураккаблаштириш» муаммосига Масиҳнинг жавоби деб айтса бўлади. «Аммо сизларни ҳеч ким «Устоз» деб чақирмасин, чунки ҳаммангизнинг битта Устозингиз бор, ҳаммангиз биродарларсиз. Ер юзида ҳеч кимни ота деб айтманг, чунки сизларнинг осмонда ягона Отангиз бор. Ҳеч ким сизларни «Йўлбошчи» деб ҳам айтмасин, чунки сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир. Орангизда улуғингиз сизларнинг хизматкорингиз бўлсин.
Кимки ўзини баланд тутса, пастга урилади, кимки ўзини паст тутса, юксалтирилади»[87].
Сиз қандай қилиб эътиқодингизни соддалаштира оласиз? Шовқин-сурон ва тартибсизликлардан қандай қилиб қутулиш мумкин? Шу туфайли эртароқ уйғонганда пайдо бўладиган қувончга қандай қилиб эришиш мумкин?
Жудда оддий. Воситачилардан халос бўлинг.
«…сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир, ҳаммангиз биродарларсиз»[88] деган ҳақиқатни ўйлаб кўринг.
Қуйидагиларга ишонч ҳосил қилинг: «Ер юзида ҳеч кимни ота деб айтманг, чунки сизларнинг осмонда ягона Отангиз бор»[89] .
Унинг хоҳиш-иродаси нима эканини билиб олинг: «…сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир»[90].
Шундай одамлар борки, улар Масиҳ билан сизнинг ораларингизда воситачи бўлишга ҳаракат қиладилар. Худога элтувчи йўл мен орқали ўтади, деб ўйладиганлар ҳам бор. Муқаддас Китобга берган изоҳи ҳақиқат бўлган воиз сўнгги босқичда. Унинг дуосисиз сиз ҳеч нарса қилмаслигингиз керак бўлган «Ота». Худо сизга нима демоқчи экани тўғрисида айтиб берадиган Руҳий Устоз. Масиҳ ана шу мураккаб эътиқод тизими тарафдорларига оддий сўзлар билан мурожаат қилади: «Сизларга бу воситачилар керак эмас».
Масиҳ сизга, воизлар, жамоат хизматчилари ёки маслаҳат бера оладиган одамлар керак эмас, деб айтмайди. «Ҳаммаларингиз Отамизнинг олдига бора оладиган тенг ҳуқуқли акалар ва опаларсиз», деб айтади. Сизнинг эътиқодингиз оддий бўлсин — фақат Раббийни изланг. Бунинг учун ғайритабиий маросимлар ва сирли урф-одатлардан фойдаланишга эҳтиёж йўқ. Бунинг учун катта иерархия зинапоясини тузиш ёки одамларни мукаммаллик даражаси бўйича ажратиш керак эмас.
Сизда Муқаддас Китоб борми? Сиз уни ўқишингиз мумкин. Сизда қалб борми? Сиз ибодат қилишингиз мумкин. Сизда ақл борми? Сиз фикр юритишингиз мумкин.
Мен яхши кўрадиган ҳикоялардан бирида бошқа қитъада жойлашган жамоатга ташриф буюриш учун океандан ўтиши керак бўлган епископ ҳақида ҳикоя қилинади. Кема сузиб келаётиб, кичик бир оролдаги бандаргоҳда тўхтайди. Руҳоний эса қирғоқ бўйлаб сайр қилишга боради. У сайр қилиб юрганда, тўрларини ямаётган учта балиқчини кўриб қолади. Епископ балиқчиларнинг олдига келиб, улар билан гаплаша бошлади. Балиқчилар ўзларининг касби тўғрисида сўзлаб беришди, епископнинг ғалати кийим кийиб олганини кўриб, ундан бу ҳақда сўрашди. Кейин балиқчилар унинг руҳоний эканини билиб, қувониб кетишди. «Биз масиҳийлармиз», деб хитоб қилди улар бир-бирларини қўллари билан кўрсатиб.
Руҳоний уларнинг гапларини маъқуллади, аммо у буни жуда эҳтиёткорлик билан қилди. Улар Худога ибодат қилишни биладиларми? Маълум бўлишича, улар бу тўғрида ҳатто эшитмаган ҳам эканлар.
— Ибодат қилаётганларингизда нима дейсизлар? — сўради епископ.
— Биз: «Сен Учликсан, биз ҳам учтамиз, Худойим, бизга мурувватли бўл», деб айтамиз.
Ибодатнинг жўнлиги епископни ваҳимага солди. Епископ уларга, ибодатларингиз ҳеч нарсага ярамайди, деб айтди ва ўша кун давомида учовига Худога ибодат қилишни ўргатди. Балиқчилар унча қобилиятли эмас экану аммо тиришқоқ эканлар. Кейинги куни кема оролчадан кетаётганда, балиқчилар ибодатни янлишмасдан айтадиган бўлдилар.
Епископнинг қалби ғурурга тўлди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўша кема яна ўша орол ёнидан сузиб ўтди. Яна уфқда ўша орол кўринганда, епископ палубага чиқди ва балиқчиларни эслаганда, қалби қувончга тўлди. Кема оролда тўхтаганда, албатта, уларни ахтариб топишга қарор қилди.
Епископ шу ҳақда ўйлаб турганда, тўсатдан орол томонда шуълани кўрди. Шуъла кемага томон яқинлашиб кела бошлади. Ўша учала таниш балиқчи сув устида юриб кема томон келаётганини епископ кўриб, ҳайратга тушди. Тез орада кемадаги ҳамма одамлар бу ғалати манзарадан ҳайратга тушиб, палубага йиғилишди. Балиқчилар кемага яқинлашганларида, улардан бири қичқирди: «Жаноб епископ! Биз сизни кўришга шунчалар орзуманд эдикки, дарров сизга пешвоз чиқдик!»
— Нима бўлди? — деб сўради епископ.
— Илтимос, бизни кечиринг. Сиз ўргатган ўша ажойиб ибодатни унутиб қўйдик. Биз фақат: «Бизнинг Отамиз, Осмону заминда ўзинг борсан, Сенинг номингни шарафлаймиз», — деймиз. Ундан у ёғини эслай олмаяпмиз. Илтимос, бизга ўша ибодатни яна ўргатинг.
Бунга жавобан епископ бу сафар камтарлик билан деди:
— Дўстларим, уйингизга қайтиб боринг, ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинг: «Сен учликсан, биз ҳам учтамиз. Бизга мурувватли бўл, эй Худойим».
Оддий эътиқодни ахтаринг. Муҳими асосийси бўлиб қолаверсин. Энг муҳимига диққатингизни қаратинг. Раббийга интилиб, Уни қидиринг.
«Тезроқ уйғонсам эди» — мана болаларча содда эътиқод сўзлари. Андреа шундай дея олади, чунки унинг дунёси оддий. У бор вужуди билан ўйнайди, чин юракдан кулади, ташвиш ва ғамларини отасига ишонади.
Келинг, биз ҳам шундай қилайлик.
16-боб
Соғ-саломат қолиш
Ҳаммангиз ҳам бу бобни тушуна олмайсиз. Ҳаммага ҳам бу бобнинг мазмуни тушунарли бўлмайди, ҳаммага ҳам умид бағишламайди, агар:
— ҳеч қачон хато қилмаган бўлсангиз ва хато қилганларни ҳеч қачон кечирмаган бўлсангиз;
— Ҳаётингиз жарроҳ хонаси каби тоза ва микробсиз бўлса, қалбингизни эса микроскоп остида кўриш мумкин бўлса ва ундан биронта ҳам камчилик топилмаса;
— Раббийга мен эътиқод қила бошлаганимдан У фойда кўряпти, деб ҳисоблайдиган оташин воиз бўлсангиз;
— Сиз мукаммал хонадон, бенуқсон иш ва муаммосиз ҳаёт ҳақида орзу қилган бўлсангиз ва буларнинг бари сизда мужассам бўлса;
— Кечалари ҳеч қачон ёстиғингиз кўз ёшларингиздан ҳўл бўлмаган бўлса, ибодатингизда умидсизлик, эътиқодингизда шубҳа бўлмаса, ҳеч қачон тушунмайсиз.
Агар сизга кўз ёшлари ва қўрқув бегона бўлса, нима сабабдан бошқалар баъзида йиғлашларини ёки қўрқишларини тушунмасангиз, шунда бу боб сизга нотаниш тилда ёзилгандай бўлиб туюлади.
Нима учун? Чунки бу боб қандай қилиб тирик қолишга бағишланган. Кейинги бир неча саҳифа қандай қилиб оғриқни енгишга бағишланган. Бу саҳифалар — роҳат-фароғатга эришиб, ўзларининг дунёси тахтида ўтирадиганлар учун эмас, балки ўзининг вайрон бўлган ҳаёти вайроналари тагида қолганлар учун бағишланган. Бу бахтсизлик эканини тушунсангиз, Матто хушхабарини очинг ва бу Китоб сизга озроқ ишонч бағишлаши ҳақида эшитишга тайёрланасиз.
Агар сиз Матто хушхабарининг 24-боби тўғрисида бирон гап эшитган бўлсангиз, мен айтаётганларим сизни ҳайрон қолдириши мумкин. Эҳтимол, охир замон мавзусини мутаассиблик билан муҳокама қиладиганлар кўпинча ўша бобни далил қилиб олишларини сиз сезгандирсиз. Бу боб — қачон бу оламда қиёмат бўлишини ҳисоблаб юрадиган математик илоҳиётчиларни ва охирзамонни башорат қилувчи пайғамбарларни боқадиган яйловдир.
Бундай репутация жуда ўринлидир. Шунингдек, Елион суҳбати деб аталувчи бу парча Масиҳнинг қиёмат кунлар тўғрисидаги суҳбатидир. Бу бобга кўп олимлар асарлар бағишлаган бўлиб, бу асарларнинг ҳар бирида муаллифлар биргина саволга — бу ерда Исо нима тўғрисида гапиряпти, деган саволга жавоб беришга уринганлар. Мазкур бобнинг у ер-бу ерида биз «урушлар ва уруш ҳақидаги миш-мишлар», «қаровсизликнинг жирканчлиги», «ҳомиладорлар ва озиқлантираётганларга кулфат» каби ваҳимали эшитиладиган ибораларни учратамиз. Сўнган қуёш ва нур сочишдан тўхтаган ойнинг ваҳимали тасвири. Момақалдироқ яшинида ўликлар устида ғужғон ўйнаётган қузғунлар. Буларни қандай тушуниш мумкин?
Баъзилар, бу бобда ёзилганларнинг ҳаммаси фақат тимсоллар бўлиб, уларни асл маъносида тушунмаслик керак, деб ҳисоблашади. Бошқалар эса, бу бобда Қуддуснинг вайрон бўлиши ва Масиҳнинг қайтиб келиши тасвирланган, деб фараз қиладилар. Яна кимдир, бу боб фақат бир мақсад билан — яқинлашиб келаётган Қиёмат кунига бизни тайёрлаш учун ёзилган, деган фикрни илгари сурадилар.
Икки нарса тўғрисида ишонч билан айтиш мумкин. Биринчидан, Масиҳ Ўз шогирдларини келажакдаги кулфатларга тайёрлайди. Хусусан, Унинг ҳалокат ва вайронагарчилик ҳақидаги сўзлари Қуддус Рим босқинчилари томонидан босиб олингандан кейин милодий 70-йиллар воқеаларига тааллуқли эди. У Ўзига тегишли бўлган нарсаларни олиш ва инсоният тарихига нуқта қўйиш учун келганда, Унинг сўзлари келажакда ҳам чинакам бўлади.
Бизга яна шу нарса маълумки, ҳалокатлар ва фожиалар фақат Қуддусдагина ёки охир замон пайтидагина содир бўлмайди. Оч қолаётган қоринлар ва тошга айланган юраклар бизнинг замонда ҳам кам эмас. Оғир пайтларда қандай тирик қолиш ҳақида Масиҳнинг сўзлари нафақат Рим хоқонлигига ёки Армагеддондаги жангларга тааллуқли, балки сиз яшаётган дунёда қайнаб-тошаётган шу жанглар учун ҳам муҳимдир.
Шундай экан, агар бу бобда мендан Масиҳнинг иккинчи келиши қачон юз беришини башорат қилишимни кутган бўлсангиз, умидларингизни чипакка чиқаришим керак. Сиз бу ўринда саволингизга жавоб топа олмайсиз. У бизга бу санани айтмаган. Шунинг учун бизнинг тахминларга сарфланган ҳамма вақтимизни қўрқмасдан бекор кетган деб ҳисоблаш мумкин. У бизга нима демоқчи бўлган эди? Қуршовга тушиб қолганда қандай қилиб тирик қолиш ҳақида.
«Исо Маъбаддан чиқиб, кетиб борар экан, шогирдлар Унинг ёнига келдилар ва Маъбаднинг биноларига Унинг эътиборини қаратдилар. Шунда Исо шогирдларидан сўради: Мана, буларни кўриб турибсизлар, тўғрими? Сизларга чинини айтай: биронта тош жойида қолмайди, ҳаммаси қулайди»[91].
Маъбад яҳудийларнинг тасаввурида қандай катта аҳамиятга эга бўлганини сўз билан ифодалаш қийин. Бу жой Худо билан одамлар учрашадиган маскан бўлган. Маъбад гуноҳларнинг кечирилишини, қурбонлик қилинишини ва муқаддасликни англатарди. Маъбадни бемалол халқнинг юраги деб айтса бўларди.
Маъбад ҳайрон қолдирадиган даражада эди. У оқ мармардан қурилган бўлиб, олтин суви югуртирилган эди. У қуёшда шунчалик ялтирардики, кўзни қамаштирарди. Маъбад томини мармар бўлакларидан йўнилган устунлар ушлаб турадиган айвонлар ўраб турарди. Бу устунларнинг баландлиги ўн бир метрдан юқори, айланаси ҳам йўғон бўлиб, ўнта одам қўл ушлашиб гир айланаси бўйлаб турганда, қўллари аранг етарди. Маъбад пойдевори учун ишлатилган тошларнинг узунлиги олти метрдан ўн икки метргача, баъзиларининг оғирлиги эса тўрт юз тоннадан ошишини аниқлаганлар[92].
Масиҳнинг издошлари кўпчилиги чет қишлоқлардан эди. Ана шундай манзара уларга қандай таъсир кўрсатган экан! Бундай улуғвор бинога улар қараб, оғизларини очиб қолганларига ажабланмаса ҳам бўлади. Уларга Исонинг: «Сизларга чинини айтай: биронта тош жойида қолмайди, ҳаммаси қулайди» деган сўзлари ундан ҳам кучлироқ таассурот қолдирган бўлса ажаб эмас.
Ушбу боб бошланадиган оддий сўзларда бизни ўйлашга мажбур қиладиган нимадир бор. «Исо Маъбаддан чиқиб, у ердан кетди». Исо Маъбадга орқа қилиб турди[93]. Қачондир Маъбад қуришни буюрган Исо ундан нари кетади. Муқаддас Худо Ўзи танлаган тоғни тарк этади. У шогирдларига: «Ҳаммаси вайрон бўлади»[94], деди.
Маъбад вайрон бўлади дегани — халқ ҳалок бўлади деганидир. Минг йиллардан ортиқ вақт давомида Маъбад Исроил халқининг юраги бўлиб келди. Масиҳ, шу юрак ҳалок бўлади, демоқчи. Масиҳ бир қанча вақт олдин фарзийларга: «Қараб тур, уйинг ҳувиллаб қолиб кетади»[95], деган эди.
Чиндан ҳам фалокат содир бўлди. Масиҳ туғилгандан 70 йил кейин Рим саркардаси Тит Қуддусни қамал қилди. Шаҳарнинг жойлашиш ўрнига кўра уни ҳужум билан олиб бўлмаслиги сабабли, Тит шаҳар аҳолисини оч қолдириб мағлуб қилмоқчи бўлди. Бу давр яҳудийлар тарихида ҳақиқатан қора кунлар бўлди. Иосиф Флавий ўзининг «Яҳудия уруши» асарида ушбу қамални қуйидагича тасвирлайди:
Бу орада очлик тобора авж олиб, бутун бошли оилаларни олиб кетарди. Том устида ҳолдан тойган аёллар билан болалар, кўчалар эса қарияларнинг мурдаси билан тўлиб кетган эди. Очликдан шишиб кетган болалар ва ўсмирлар шаҳар кўчаларида худди арвоҳлар каби сандироқлаб юришар, ҳолдан тойиб йиқилишар ва йиқилган жойларида ўлиб қоларди…Очлик ҳамма ҳис-туйғуларни ўлдирган эди. Энди жон бераётганлар ўзларидан олдин ўлганларга оғизлари катта очилганича, қуриб қолган кўзлари билан боқишарди. Сукунат худди даҳшатли қабр туни каби шаҳарга бостириб келарди…Жон бераётганлар сўнгги нафасларида сўнаётган нигоҳларини Маъбадга тикишарди…[96]
Ўша даврнинг ҳақиқий фожеаси юз берган эди: тўқсон етти мингта одам асирга олинган, бир миллион юз минг одам ўлдирилган эди. Масиҳ айнан шу фожиани башорат қилганди. Шогирдларини шу фожиага тайёрлаганди. Биз яшаётган оламда ҳам худди шундай фалокат ҳар дамда юз бериб қолиши мумкин.
Бундан бир неча йил илгари оиламиз билан таътилни ўтказиш учун Санта Фега (Нью Мексика штатида) бордик. Биз Денамин билан бирга тезоқар Рио-Гранде дарёсида сув сайрига чиқиб, кичкинагина саргузашт ташкил қилмоқчи бўлдик. Биз жўнаш жойига ҳам етиб келдик. Бизни бу ерда жасур сайёҳлар билан инструктор кутиб турган экан.
Унинг кўрсатмалари ҳеч қандай умид туғдирмасди. «Сувга ағнаб кетганингизда…», деб гап бошлади у. «Сизни сув оқизиб кетаётганда…», «Қайиғингиз чаппа бўлганда…»
Мен бир оз асабийлаша бошладим, Денаминни тирсагим билан секин туртиб: «Эътибор бердингми, у бирон марта ҳам «агар» сўзини айтмади», деб пичирладим. Масиҳ ҳам шу сўзни айтмайди. У ҳам: «Бу дунёда сизни кўнгилсизликлар кутиши мумкин» ёки «Бу дунёда баъзиларингиз қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин», демади. Йўқ. У сизни: «Дунёда ғамга ботасиз»[97], деб ишонтирди. Юрагингиз уриб тураркан, доимо ғамга дуч келасиз. Агар сиз тирик одам бўлсангиз, доимо қийинчиликларингиз бўлади.
Матто хушхабарининг 24-бобида Масиҳ ўз шогирдларини яқинлашиб келаётган воқеларга тайёрлайди: «Чунки кўпчилик Менинг номим билан келиб: «Мен Масиҳман», деб айтади ва кўпчиликни йўлдан оздиради»[98].
«Сизлар яқиндан уруш тўғрисидаги хабарларни, узоқдан уруш тўғрисидаги миш-мишларни эшитасизлар. Аммо ваҳимага тушманглар. Шундай ҳодисалар юз бериши керак, аммо бу ҳали охири дегани эмас»[99].
«Халқлар халқларга қарши, шоҳликлар шоҳликларга қарши уруш очади. Ҳамма ёқда очлик, ўлат, зилзила бўлади. Буларнинг ҳаммаси тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди» [100].
«Кейин сизларни таъқиб қилиб, қўлга оладилар, ўлимга ҳукм қиладилар. Мен туфайли ҳамма сизлардан нафратланади» [101].
Бу сўзлар унчалик умидбахш эмас, тўғрими? Улар кўпроқ аскарларини жангга тайёрлаётган командирнинг сўнгги сўзларига ўхшайди. Чарльз Холл ўз сапёрларига айтган сўнгги сўзини эслатади. У бомбаларни портлатиш орқали тирикчилиги учун пул топади. Чарльз портловчи ўқ-дориларни йўқ қилиш бўлимида ишлайди. Урушдан кейин Қувайт чўлларида портламай қолган мина ва гранаталарни қидириб топгани учун ҳафтасига 1500 доллар тўлашади.
Ричадрд Лоутер, ЕОДнинг яна бир ходими узоқ йиллар давомида Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан кейин денгизлар тубида қолиб кетган миналарни портлатиш билан шуғулланган. У шундай дейди: «Ҳар гал газетада навбатдаги фуқаролар уруши тўғрисида ўқиганимда,: «Нима бўпти, уруш тугаши билан мен ўша ерда бўламан», деб ўйлайман»[102].
Биз билан сизнинг шу сапёрлар билан умумий томонларимиз кўп: мина далалари орасидан ўтган ишончсиз сўқмоқлар. Салгина тупроқ сепилиб, сезилмайдиган қилиб қўйилган муаммолар. Ҳаётдан ёки қўл-оёқдан маҳрум бўлиш хавфи. Энг муҳими шуки, сиз билан биз ўқ-дориларни йўқ қилувчи команда сапёрлари сингари, кимдир миналаштирган даладан ўтишимиз керак. Кўплаб ҳаётий қийинчиликлар айнан шунақа. Уларни биз пайдо қилмаганмиз, аммо доимо уларга дуч келамиз.
Биз спиртли ичимликларни кашф қилмаганмиз, аммо йўлларда тез-тез маст ҳайдовчиларни учратамиз. Биз гиёҳванд моддалар сотмаймиз, лекин кўпинча шу иш билан шуғулланадиганлар билан қўшни яшаймиз. Халқаро кескинликларни биз юзага келтирмаймиз, бироқ қўпорувчилардан қўрқамиз. Ўғриларни ўғрилик қилишга ўргатмаганмиз, аммо ҳар биримиз исталган дақиқада уларнинг қурбонларига айланишимиз мумкин.
Худди ЕОД сапёрлари каби, биз ҳам ўзимиз миналаштирмаган далалардан ўтамиз. Масиҳнинг шогирдлари ҳам шундай қилишлари керак эди. Улар Маъбадни вайрон қилишда айбдор эмасдилар, Масихни шогирдларнинг айби билан рад қилдилар, деб бўлмайди. Масиҳ улар туфайли: «Сизлар учун уйингиз бўш бўлиб қоляпти», демаган. Аммо улар гуноҳкор оламда яшаётганлари учун гуноҳ келтирган оқибатларни ўзларида ҳис қилишлари керак эди.
Агар сиз ўқлар остида яшасангиз, дайди ўқ сизни ярадор қилиши ёки ўлдириши мумкин. Агар сиз жанг майдонида яшасангиз, ҳовлингизга снаряд тушиш эҳтимоли бор. Агар қоронғу хонадан ўтиб бораётган бўлсангиз, йиқилиб бирон жойингизни жароҳатлашингиз мумкин. Агар сиз миналаштирилган майдондан ўтаётган бўлсангиз, сиз ҳалок бўлишингиз мумкин.
Агар сиз гуноҳкор дунёда яшасангиз, гуноҳ қурбонига айланишингиз мумкин.
Биз даъват қилинган ўша ҳаёт ҳақида Масиҳ очиқ гапиради. Агар биз Унга тегишли бўлсак, биз безарар қолишимиз учун ҳеч қандай кафолат йўқ. Муқаддас Ёзувда айтилишича, агар биз Шоҳнинг изидан борсак, жангда қатнашмаслигимиз тўғрисида биронта ҳам ваъда йўқ. Аксинча, кўп ҳолларда бунинг акси бўлиб чиқади. Қандай қилиб жангдан тирик чиқишимиз мумкин?! Урушдан қандай қилиб омон чиқишимиз мумкин?!
Масиҳ учта фикрни айтади. Бизнинг ишончимиз учун учта асос. Учта мутлақ ҳақиқат. Тасаввур қилинг-а, У эгилиб шогирдларининг катта-катта очилган кўзларига қараяпти. У шогирдларининг қандай қилиб чангалзорга тушиб қолганини билиб, уларга компаслар беради. Шогирдлар компаслардан фойдаланишсагина, тўғри йўлни топа олишади.
Биринчидан, У шогирдларни ғалабага ишонтира олади. «…охиригача бардош берганлар нажот топадилар»[103].
У, муваффақиятларга эришган ёки лавозим пиллапояларининг энг юқорисига чиққан нажот топади, деб айтмайди. У «…бардош берган» дейди, аслида бу сўз «охиригача қолган, бутун масофани босиб ўтган» деган маънони билдиради.
Бразилияликларда бир сўз бор. Бу сўз охиригача тура оладиган ва енгилмайдиган одамга нисбатан қўлланади. Бу сўз — «garra»дир. Garra — «панжа, чангал» маъносини билдиради. Ниҳоятда аниқ сўз! Garra одам — тирноқлари билан қояга ёпишиб, бор кучи билан ушлаб турган одам.
Нажот топганлар ҳам шундай бўлади. Улар жар ёқасига келиб, хавф-хатар остида қолишлари мумкин. Улар ҳатто қоқилиб, пастга қулаб кетишлари ҳам мумкин. Аммо улар тирноқлари билан қояга — Худога ёпишиб олиб, қўйвормасдан ушлаб тураверадилар.
Масиҳ сизни шунга ишонтиради. Агар сиз сабр-тоқат қилсангиз, у албатта сизни уйингизга олиб келади.
Иккинчидан, Исо шогирдларини ишонтириб мақсадларига эришишга ундайди: «Шоҳлик тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, шу тариқа ҳамма халқлар буни эшитади, ниҳоят, охир замон келади»[104].
1066 йили дунё тарихидаги энг қаттиқ жанг бўлиб ўтди. Нормандия герцоги босқинчи Вилгельм Англияга бостириб киришга журъат қилди. Англияликлар ҳам қўрқинчли рақиблар бўлиб, ўз ватанларида енгилмасликлари аниқ эди.
Аммо Вильгельмда Англияликларда йўқ бир нарса бор эди. У шундай бир нарса кашф қилдики, ўша нарса унинг армиясига устунлик бера оларди. Ўша афзалликни унга узангилар берди.
Ўша пайтларда отда ўтириб жанг қилганда, узанг омонат бўлгани учун, ноқулайликлар келиб чиқарарди. Шунинг учун аскарлар отларида жанг майдонига етиб бориб, пиёда жангга кирардилар. Нормандияликлар эса узанги устида туриб, Англияликлар устидан ғалаба қозонишлари мумкин эди. Улар шиддатли ҳаракат қилишар, ўзлари ҳам кучли эди. Узанги Англиянинг мағлубиятига сабаб бўлди. Агар узангилар бўлмаганда эди, босқинчи Вилгельм ҳеч қачон шундай жиддий рақибини енга олмаган бўларди. Ана шунда бу китоб қадимги инглиз тилида ёзилган бўларди.
Улар жангда қатъийлик кўрсатганлари учун ғолиб бўлдилар. Масиҳ Ўз издошларини ғалабага ишонтиради ва бу ишонч қатъий бўлиб туюлади.
Масиҳни тинглаётганларга эътибор беринг: олдиларида ястаниб ётган катта шаҳарга оғзилари очилиб томоша қилаётган қишлоқ балиқчилари ва деҳқонлари. Уларнинг орасидан, Масиҳнинг башорат амалга ошадими ёк йўқми, деб гаров боғлайдиган биронта ҳам одам топилмасди. Аммо башорат амалга ошди, бор-йўғи 53 кундан кейин амалга ошди. Орадан 53 кун ўтиб, «осмон остидаги ҳамма эллардан келган» яҳудийлар Қуддусда тўпландилар[105]. Буртус уларнинг олдиларида туриб, уларга Масиҳ ҳақида ваъз ўқиди. Шогирдлар албатта, мақсадга эришиш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилиб, дадиллашдилар. Улар жанг пайтида қатъий тура олганлари учун ғолиб бўлдилар. Уларнинг ҳам…худди бизда бўлгани каби афзалликлари бор эди. Ниҳоят, Масиҳ заминдаги барча ишлар ўз ниҳоясига етиши ҳақида сўзлайди: «…ўшанда сўнг бўлади»[106].
1 Салоникаликлар 4:16 да қизиқ сўзлар ёзилган: «Чунки Раббимиз Исо Ўзи буюк нидо, бош фариштанинг садоси, Худонинг карнайи билан осмондан тушади. Аввал Масиҳга ишонган марҳумлар тириладилар».
Сиз, бу қандай нидо экан, деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу — Осмон Шоҳлигининг ҳужуми ҳақидаги хабар бўлади. Бу — кўп одамлар учун Худонинг сўзларини ўз қулоқлари билан эшитган биринчи сўзлар бўлади. Бу — бир даврнинг тугаши ва бошқасининг бошланиши ҳақидаги сўз бўлади.
Ўйлайманки, бу нидо қандай бўлишини мен биламан. Эҳтимол, мен хато қилаётгандирман. Аммо ўйлашимча, ер юзида азоб-уқубатларга нуқта қўядиган ва Осмон Шоҳлигининг келгани ҳақида қувончли хабар мана бу сўздир: «Етар!» Шоҳлар Шоҳи илма тешик қўлини кўтариб: «Етар!» деб хабар беради.
Фаришталар сукутга чўмадилар, Ота: «Етар!» деб айтади.
Яшаётган ва қачонлардир яшаган одам осмонга қарайди ва Раббийнинг: «Етар!» деган нидосини эшитади.
Ёлғизлик етарли бўлди.
Кўз ёшлари етарли бўлди.
Ўлим тугади. Ғам-қайғу тугади. Йиғи-сиғи тугади. Оғриқлар тугади.
Юҳанно тўрт томони сув билан ўралган ва дўстлари билан мулоқот қилиш имконидан маҳрум Потмос оролида бўлганда, ўша куни ваҳий орқали Раббийнинг «Етар!» деганини эшитди.
Бундан ярим аср илгари Масиҳнинг ўз издошларига ишонч бахш этадиган сўзларини эшитган бу одам ушбу сўзлар нимани англатишини энди тушунди. Эҳтимол, у ваҳий орқали хотирасида янграган Устозининг овозини эшитгандир: «Шунда сўнг бўлади». Фақат моддий дунё қувончлари билан яшайдиганлар учун бу ёмон хабар. Аммо яқинлашиб келаётган тинчликни кутиб яшаётганлар учун бу сўзлар — умид бахш этувчи ваъдалардир.
Биродарларим! Сиз миналаштирилган даладасиз. Гап шундаки, айнан қачон »дунёда қайғули бўласиз». Кейинги сафар сиз ҳаёт узангисида қайиқда сувга йиқилиб тушганингизда Унинг сўзларини эсланг:
Сиз Унинг ваъдасига суянишингиз мумкин.
17-боб
Қумдан қурилган қасрлар
Қуёшнинг шаффоф нурлари, шўр денгиз ҳавоси, тўлқинларнинг бир маромдаги шовқини.
Ёш бола денгиз қирғоғида ўйнаяпти. У тиззалаб ўтириб олиб, қизил челакчасини қумга тўлдиради, кейин қумни ағдариб, челакчани кўтаради — ана, кичик архитектор ўзи ясаган қаср минорасини кўнгли тўлиб томоша қиляпти.
Бола кун бўйи ишлайди: жарликлар қазийди, девор қуради. Шишаларнинг қопқоқларидан соқчи сифатида фойдаланади, музқаймоқ чўплар эса кўприк вазифасини бажаради. Бу ерда қумдан ясалган қаср бўлади.
Катта шаҳар. Гавжум кўчалар. Машиналарнинг туганмас шовқини. Идорасида ишлари билан банд одам ўтирибди. У қоғозларни кўздан кечириб, ажратиб оляпти ва ходимларига топшириқлар беряпти. У телефон гўшагини елкаси билан қулоғига қисади, бармоқлари рақам кетидан рақам териб, клавиатура бўйлаб югурадилар. У даромадлари ҳақидаги ҳисоботларни қониқиш билан кўздан кечиради.
У бутун ҳаёти давомида меҳнат қилади: режалар тузади, келажакдан башорат қилади. Банкдаги пулларининг офислари унинг соқчилари, даромадлари эса кўприк бўлади. Бу ерда империя барпо бўлади.
Иккита қалъа қурувчи. Уларнинг ўхшаш томонлари кўп. Улар зарралардан осмонўпар бинолар қурадилар. Йўқ нарсадан нимадир барпо қиладилар. Иккови ҳам тиришқоқлик ва собитқадамлик билан меҳнат қиладилар. Сув тошганда эса иккови қурган қасрлар қулайди.
Аммо шу билан бу иккала қурувчи ўртасидаги ўхшашлик ниҳоясига етади. Бола сўнг ҳақида биладию катта одам бу ҳақида ўйлашни истамайди. Кун кеч бўляпти. Келинг, бола ўзини қандай тутишига эътибор берайлик. Тўлқинлар аста-секин у қурган қаср томон яқинлашяпти. Лекин тўлқинлар қаср деворлари ёнидан қайтиб кетяпти.
Бола хотиржам. Бўлиб ўтаётган воқеалар уни ҳайратга солмайди. Кун бўйи тўлқин шовқинлари унга қасрнинг тузилишини эслатиб турди. Тўлқинлар болага ўз сирларини кашф қилди: бола қурган қасрни тўлқинлар тез орада денгиз қаърига олиб кетишади.
Бу сирни ёши катта одам билиши керак бўлса-да, бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Пляждаги болакай каби, у ҳам доимо тўлқинларнинг бир маромдаги шовқинини эслатиб туради. Кунлар кетидан кунлар ўтаверди. Йил фасллари бир-бирини қувлашади. Ҳар бир кун бошланиб, тамом бўларкан, унга бу сир ҳақида шивирлайди: «Вақт сенинг қасрларингни олиб кетади».
Улардан биттаси бу воқеага тайёр, иккинчиси — тайёр эмас. Бири — хотиржам, иккинчиси — ваҳимага тушган.
Тўлқинлар яқинлашганда, ақлли бола ўрнидан сакраб туриб, чапак чала бошлайди. У хафа бўлмайди, ваҳимага тушмайди, афсусланмайди. У шундай бўлишини биларди. Бўлиб ўтаётган воқеалар уни ҳайрон қолдирмайди. Катта тўлқин юмалаб келиб унинг қасрини вайрон қилганда, унинг ажойиб қасрини денгиз ўз қаърига тортиб кетганда, бола жилмаяди. У жилмайганича, асбоб-ускуналарини йиғиштириб, отасининг қўлидан ушлайди ва уйига йўл олади.
Катта одам бола сингари ақлли эмас. Йиллар тўлқини унинг қасри дарвозаларига урила бошлаганда, у қўрқувга тушади. У қумдан қилинган қасрини сақлаб қолмоқчи бўлиб, қасри атрофида югура бошлайди. У ўзи қурган деворлар ёнидан тўлқинларни ҳайдашга ҳаракат қилади. Кийимлари шалаббо бўлади, титраб, бостириб келаётган тўлқинларни лаънатлайди.
«Бу — менинг қасрим», ҳансираб дейди у. Денгиз унга жавоб бериши керак эмас. Аслида қумлар кимники эканини тўлқинлар билади.
Ниҳоят, катта тўлқин инсон ва унинг империяси устига соя солади. Инсон бир дақиқа баҳайбат денгиз тўлқини соясида қолади. Кейинги дақиқада эса шу тўлқин унинг устига ағдарилади. Инсон ғалабасининг митти минорачалари вайрон бўлади, бузилади, ўзи эса қўлларида шаклу шамойили йўқ нарсага айланган ўтмишнинг қолдиқларини қисганча, тиз чўкиб қолаверади.
Агар у билганда эди… Агар у қулоқ солганда эди… Агар у фақат…
Аммо кўп бошқа одамлар каби у эшитмайди.
Масиҳ ҳали тайёр бўлмаган ана шу одамлар ҳақида, улар ўйламаганлари, нима воқеа юз беришини билмаганлари ҳақида гапиради. Масиҳ ўша одамларни ёвуз, итоатсиз ёки Худога қарши курашадиган одамлар деб айтмайди.
Йўқ, уларнинг кўзлари кўр, холос. Улар қуёш ботаётганини кўрмайдилар. Улар кар, кўтарилаётган сув шовқинини эшитмайдилар.
Масиҳ ҳаётининг сўнгги ҳафтасида қимматли дақиқаларининг бир қисмини қирғоққа тошиб келаётган тўлқинлар сабоғини ўзлаштиришимизга, қиёмат кунига тайёр бўлишимизга бағишлади.
Ёдингизда бўлса, биз Масиҳ юрагида нима борлигини кўриш, У нима деяётганини эшитиш, У кимга қўл текизганини билиш, у қилаётган ишларга гувоҳ бўлиш мақсадида Унинг ҳаётининг сўнгги ҳафтасини кўриб чиқяпмиз. Биз аллақачон унутган одамларга нисбатан Унинг меҳр-шафқатини кўрдик. Биз фирибгарларга нисбатан У кескин бўлганига гувоҳ бўлдик. Ҳозир биз унинг яна бир оташин истагини кўряпмиз. Биз тайёр бўлишимиз керак: «Аммо ўша кун ёки вақт соатни на бирон зот, на осмондаги фаришталар, на Ўғил билади, фақат Ота билади, холос»[107].
У нима деб айтаётганини тушуниш қийин эмас. У қайтиб келади, аммо қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун тайёр туринглар.
Бу ҳақда келиннинг ўнта дугонаси ҳақидаги масалда айтилган[108].
Бу ҳақда кумуш пул ҳақидаги масалда айтилган[109].
Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масалда ҳам айнан шу ҳақда сўз боради[110].
Биз ва сиз бу ҳақда билишимиз керак. Аммо айни пайтда биз бу ҳақда унутиб қўямиз.
Яқинда самолётда қилган саёҳатим вақтида юз берган воқеа шуни эсимга солди.
Мен салонга кириб, ўриндиқлар орасидаги йўлаклардан ўтдим-да, жойимни эгалладим. Кейин ён-атрофимга қараб, ёнимдаги ўриндиқда ўтирган йўловчининг ташқи кўриниши ғалати эканини сездим.
У эгнига халат, оёғига шиппак кийиб олган эди. Унинг кийими уйда, меҳмонхонада ғалати кўринмаса-да, самолётга мос эмас эди. Қўшнимнинг ўриндиғи ҳам бошқаларникидан фарқ қиларди. Мен ўтирган ўриндиқ оддий, мато ёпқич кийгизилган, уникига эса чарм қопланган эди.
— Чет элнинг чарми, — деди у менинг эътибор қилганимни сезиб. — Мен буни Аргентинада сотиб олган эдим, ўриндиғимга қопладим.
Мен бу тўғрида бирон нарса дейишга улгурмасимдан у ўриндиқ тутқичлари безатилган қимматбаҳо тошларга ишора қилди:
— Бу ёқутларни Африкадан сотиб олдим, жуда қиммат туради.
Бу фақат бошланиши эди. Унинг йиғма столчаси қизил дарахт ёғочидан қилинган эди. Иллюминатор ёнида эса кичикроқ телевизор бўлиб, унинг устида кичик шамол парраги, шипга эса шар шаклидаги қандил осиғлиқ эди.
Мен ҳали ҳаётимда бундай нарсани кўрмаган эдим. Менда мутлақо табиий савол пайдо бўлди ва қўшнимдан сўрадим:
— Самолётдаги креслони жиҳозлаш учун шунча вақтингизни ва маблағингизни сарфлаш сизга нима учун керак бўлди?
— Мен шу ерда яшайман, — тушунтирди у, — менинг уйим шу ерда -самолётнинг ичида.
— Нима, сиз самолётдан ташқарига чиқмайсизми?
— Ҳеч қачон! Самолётдан чиқиб, шунча қулайликлардан маҳрум бўлиш нимага керак?!
Ажойиб! Бу одам транспорт воситасини ўз уйига айлантирибди! Бунга ишонишингиз қийин-а? Сиз мени муболаға қиляпти, деб ўйлаяпсизми?
Ҳа, мен бундай ахмоқгарчиликни эҳтимол, самолётда кўрмагандирман. Аммо ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганман.
Сизни ишонтириб айтманки, сиз ҳам бунга ўхшаш воқеаларни кўргансиз.
Сиз бу дунёга худди ўзларининг яшаш жойларидай муносабатда бўлган оламларни кўргансиз, аммо улар адашадилар. Сиз ҳаётини изга солиш учун вақтини ва кучини сарф қилган одамларни кўп учратгансиз. Улар худди бу дунёда абадий яшайдиганга ўхшайдилар, аслида эса бундай эмас. Сиз ўз ютуқлари билан ғурурланадиган одамларни кўргансиз. Улар ютуқларидан ҳеч айрилмайдиганга ўхшайдилар. Аммо барибир, булардан бир кун маҳрум бўладилар.
Ҳаммамиз бу оламдан маҳрум бўламиз. Ҳаммамиз бу оламда бор-йўғи йўловчимиз. Бир кун самолёт ерга қўнади ва бизга, марҳамат, тушинглар, деб таклиф қиладилар.
Қўниш жойига етиб келганимизни учувчи эълон қилганда, бунга тайёрланиб турганлар ақлли иш қилган бўладилар.
Умуман олганда, мен кўп нарсани билмайман. Аммо қандай саёҳат қилишим ўзимга маълум. Ўзингиз билан кўп юк олманг. Камроқ енг. Озроқ ухланг. Борадиган манзилингизга етиб келганингизда, самолётдан тушинг.
Қумдан қурилган қасрлар ҳақида ҳам кўп нарса билмайман. Бу ҳақда болалар кўп биладилар.Уларга яхшироқ эътибор беринг, улардан ўрганинг. Кейин қурилишни бошланг, лекин худди болаларга ўхшаб қуринг. Қуёш ботиб, сув кўпая бошлаганда, чапак чалинг. Ҳаётга олқиш айтинг, Отангизнинг қўлидан ушлаб, уйингизга йўл олинг.
18-боб
Тайёр бўлинг
Нимчани қандай кийишнинг ўз сири бор. Бу сирни ҳар бир ота ўғлига ўргатиши керак. Бу — авлоддан-авлодга берилиши керак бўлган эркаклар ҳикматиларидан биридир. Муҳимлиги жиҳатидан буни соқол олиш ёки дезодорантдан фойдаланиш билан қиёслаш мумкин. Нимча киядиган ҳар бир одам бу сирни билиши керак. Агар сизнинг ҳам нимчангиз бўлса, ўйлайманки, сиз ҳам бу сирни биласиз. Агар нимчангиз бўлсаю сиз бу сирни билмасангиз, унда бундай қиласиз: нимчангизнинг тугмаларини юқоридан пастга қараб қаданг.
Шошманг, бу ишга шошилиш керак эмас. Ойнадаги аксингизга қараб юқоридаги тугмани юқоридаги тешикка тўғриланг.
Агар шундай қилган бўлсангиз, биринчи тугмангиз тўғри қадалган бўлса, қолганлари ҳам тўғри қадалади. Биринчи тугмани нотўғри қадаган бўлсангиз, қолган тугмалар ҳам нотўғри қадалади. Натижада нимча қийшайиб қолади. Иккинчи тугмани биринчи тешикка, ёки аксинча тескарисини қилиб кўринг — шунда сиз ниманидир нотўғри қилганингизни кўрасиз.
Шундай ишлар борки, уларни фақат бир йўл билан амалга ошириш мумкин. Шундай ишлардан бири — нимчанинг тугмасини қадашдир. Иккинчиси — тайёр туришдир.
Масиҳнинг сўзлари бўйича, Унинг келишига тайёр туриш — рамзий маънода «юқоридаги тугма қоидаси» эканлиги аниқ бўлади. Унинг айтишича, агар сиз шунда хато қилсангиз, ҳаётингиздаги қолган ҳамма нарсалар нотўғри ва эгри бўлади. Ҳаётдаги ҳамма нарсани ҳам «юқоридаги тугма қоидаси» деб атаб бўлмайди. Масалан, сизнинг қайси жамоатга боришингиз ҳеч қандай ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Муқаддас Китобнинг қайси таржимасидан фойдаланишингиз ва айнан қайси хизматда иштирок этишингиз ҳам муҳим эмас. Аммо Масиҳнинг қайтишига тайёр туриш — бу «юқори тугма қоидаси»дир. Агар ҳаётингизда шу қоидани мезон қилиб олсангиз, унда ҳамма нарса жой-жойида бўлади. Эътиборсизлик қилсангиз, тез орада ҳаётингиз кераксиз бурмалар ва ажинлар билан қопланганини кўрасиз.
Ушбу тамойилнинг муҳимлиги ҳақида нега шундай ишонч билан гапира оламиз? Масиҳ бу ҳақда бизга айтган. Айнан шу ҳақда у охирги ваъзида сўзлайди. Эҳтимол, Масиҳнинг энг сўнгги ваъзи учун мавзу қилиб айнан абадий ҳаётга тайёр туришни танлагани сизни ҳайрон қолдирса керак. Жумладан, мени ҳам ҳайрон қолдиради. Агар мен Унинг ўрнида бўлганимда, мен севги ҳақида ёки оила ҳақида ёки жамоат ҳаётининг муҳимлиги ҳақида сўзлаган бўлардим. Масиҳ эса бу нарсалар ҳақида сўзламади. Унинг ваъзи бугунги кунда кўпчилик урфдан қолган деб ҳисоблайдиган мавзуга бағишланган эди. Масиҳ бизни Осмон Шоҳлигига кириш учун тайёр туришга ва дўзахдан узоқроқ юришга ўргатди.
У ақлли ва аҳмоқ хизматкор тўғрисида ҳикоя қилганда ҳам шунга ўргатади[111]. Ақлли хизматкор хўжайиннинг келишига тайёр эди, аҳмоғи эса йўқ.
Масиҳ келиннинг ўнта дугонаси ҳақида сўзлаганда ҳам, бизни шунга ўргатади. Улардан бештаси ҳушёр, бештаси эса овсар эдилар[112]. Ҳушёрлари куёвнинг келишига тайёр эдилар, қолганлари эса бу пайтда чироқларига ёғ сотиб олиш учун дўконга кетган эдилар.
Айнан шу ҳақда У хўжайин пулларини ишониб топширган учта қул ҳақидаги ҳикоятда ҳам гапиради[113]. Уларнинг иккитаси пулни фойдали жойга ишлатиб, даромад олишди. Учинчиси эса пулларни ерга кўмиб беркитиб қўйди. Иккита қул хўжайиннинг келишига тайёр эди, шунинг учун улар хўжайиндан мукофот олдилар. Учинчиси эса бунга тайёр эмасдилар, шунинг учун жазо олди.
Бу — Масиҳнинг охирги ваъзларидан бирининг мавзуси. «Ҳушёр бўлиб туринглар, чунки Раббингиз қайси кун келишини билмайсизлар»[114]. У бизга айнан қачон Раббий келадиган кунни айтмаган, аммо бу куннинг қандай бўлиши ҳақида айтган. Бу кунни бошқа бирон кун билан алмаштириш мумкин эмас.
Илгари яшаган ёки яшаётган ҳар ким бу учрашувга чақирилади ва унга келади. Қачонлардир ҳар бир урган юрак, қачонлардир сўзлаган лаблар. Ўша куни сизни кўзга кўринмас одамлар уммони ўраб олади. Бойлар ва камбағаллар, донгдорлар ва ҳеч ким билмайдиган одамлар, подшоҳлар ва дайдилар, донишмандлар ва ақли заифлар — ҳаммаси бир жойга йиғиладилар. Ҳамманинг кўзлари бир томонга боқади. Ҳаммалари битта одамдай Унга қарайди.
«Инсон Ўғли Ўз улуғворлигида келади…»[115] Шунда сиз атрофдагиларнинг ҳеч бирига қарамайсиз. Ҳеч ким, ёнимдаги одам қандай кийинган экан, деб қизиқмайди. Ҳеч ким йиғилганларнинг зеб-зийнатлари ва ташқи кўринишини муҳокама қилиб пичир-пичир қилмайди. Инсоният тарихидаги энг буюк мазкур учрашувларнинг бирида кўзларингиз шу ерда ҳозир бўлганлардан биттасига — Инсон Ўғлига қаратилади. У ҳашаматли кийимларда бўлади — Ундан атрофга нур таралиб туради, У улуғворлик таратиб, нур сочиб туради.
Масиҳ бу кунни батафсил тасвирлаб беради. У шубҳаларга ўрин қолдирмайди. У «агар Мен келсам» ёки «Мен келганимда» демайди. У мутлақо аниқ қилиб: «Мен келаман», дейди.
Дарвоқе, Унинг келишига Янги Аҳднинг йигирмадан бир қисми бағишланган. Унинг иккинчи марта келишига доир уч юздан ортиқ оят бор. Янги Аҳд китобларининг йигирма еттитасидан йигирма учтасида ишонч ва аниқлик билан шу ҳақда гап боради .
«Шунинг учун сизлар ҳам тайёр бўлиб туришларингиз керак, чунки Инсон Ўғли сиз кутмаган соатда келиб қолади»[116]. «Бу Исо дегани олдингиздан осмонга қандай олинган бўлса, осмонга кетаётганини кўрганингиз шу йўлдан У яна қайтиб келади»[117]. «У иккинчи марта дунёга келганда, яна гуноҳларни ювиш учун эмас, балки Уни кутаётганларга нажот келтириш учун осмондан тушиб келади»[118]. «Чунки ўзларингиз яхши биласизларки, кечаси ўғри қандай келса, маҳшар куни ҳам шундай келади»[119]. У албатта келади. Унинг келиши аниқ-равшан эди. У келганда: «Жамики элатлар Унинг ҳузурида йиғиладилар. Чўпон қўйларни эчкилардан айиргандай, У халқларни бир-биридан ажратади. У қўйларни ўнг томонига, эчкиларни чап томонига қўяди»[120].
«Бўлиниш» — қайғули сўз. Бир-биридан айрилган она ва қиз, ота ва ўғил, эр ва хотин — ер юзидаги ҳаётимизда доимо биз дуч келадиган айрилиқлар ҳақида эшитишимиз жуда қайғули. Агар гап абадий айрилиқ ҳақида борса, бу фикрнинг ўзиёқ одамни ваҳимага солади. Айниқса, бировлар осмонда бўлиб, бошқалар дўзахда бўлиб қолсалар.
Бизга дўзах ҳақидаги гап унча ёқмайди, тўғрими? Ақлий доираларда бу мавзуни бемаъни ва аҳмоқона деб ҳисоблаб, у ҳақда гаплашмайдилар. «Ахир, севгучи Худо ҳеч қачон бизни дўзахга ташламайди-ку», деймиз ва бу фикр аҳмоқона деб ўйлаб, ундан воз кечамиз.
Аммо дўзах ҳақидаги гапларга эътиборсизлик билан қараш — бу бизга Масиҳ томонидан берилган жуда муҳим таълимотга эътиборсизлик қилиш деганидир. Дўзах ҳақидаги таълимот ҳаворийлар Павлус, Бутрус ёки Юҳанно томонидан тадқиқ қилинмаган. Дўзах ҳақида Масиҳнинг Ўзи бизга ўргатган.
Дўзахнинг мавжудлиги ҳақидаги фикрни инкор қилиш — ундан кўпроқ нарсани инкор қилиш билан тенг. Бу — севгучи Худонинг ва танлаш эркинлигининг бор эканини инкор қилиш демакдир.
Мен бу билан нимани назарда тутаётганимни тушунтириб берай. Бизда танлаш эркинлиги бор: биз Раббийни севишимиз мумкин, севмаслигимиз ҳам мумкин. Раббийни севишимизга Унинг Ўзи даъват қилади. Биз Уни сева олишимизга Ўзи даъват қилади.Аммо узил-кесил танлаш ҳуқуқи бизга тегишли. Агар Худо бизни шу танлов ҳуқуқидан маҳрум қилганда, бу ҳолат ҳақиқатда У бизни севмаслигини англатган бўларди.
Биз учун нима яхши эканини Раббий тушунтириб беради. У бизга ваъдалар беради, биз танлашимиз оқибатлари ҳақида огоҳлантиради. Кейин эса У бизга танлаш ҳуқуқини беради.
Дўзах инсон учун яратилмаган эди. Дўзах деб…«иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий олов»-га[121] айтилади. Шундай қилиб, одам дўзахга йўл олар экан, у ерга Худо у учун тайёрлаб қўйган нарсаларга қарши тарзда боради. «Худо бизни ғазаб учун эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топиш учун тайин этди»[122]. Худо инсонни дўзах учун яратмаган, аммо инсон дўзахга боришни хоҳлаб қолиши мумкин.
Дўзахнинг нима экани тўғрисидаги мана бу қоидани ўйлаб кўринг: дўзах — ўзини Худодан, гуноҳни ўз Нажоткоридан, бу дунёни Худо Шоҳлигидан кўра кўпроқ яхши кўрадиган одамлар бўлишини хоҳлайдиган жойдир. Худо Ўзига қарши бош кўтарган одамга қараб: «Ўзинг шуни танладинг, майли, сен айтганча бўла қолсин», деган пайтда ҳукм амалга ошади.
Дўзахни инкор қилиш — Худо адолати ҳақидаги фикрга қаршилик қилишдир. Дўзах йўқ деб тасдиқлаш — Худо Ўзига қарши душманлик қилувчиларга ва ўз гуноҳлари учун тавба қилишдан бош тортганларга эрк беради, деган маънони англатади. Дўзах йўқ деб тасдиқлаш — Худо бу дунё ёвузликларидан кўз юмади, деб тасвирлашдир, деган маънони билдиради. Дўзах йўқ деб тасдиқлаш — Худо зўравонлик ва қотилликларга, талончилик ва фалокатга учраган оилаларга бефарқдир, деган маънони билдиради. Дўзах йўқ деб тасдиқлаш — Худода адолат туйғуси йўқ, у ёвузлик ва адолат ўртасидаги фарқни билмайди, демак, севишга қодир эмас деган маънони билдиради. Ахир, ҳақиқий севги ёвузликдан нафратланади. Дўзах — бу Яратганнинг адолати ёрқин намоён бўлишидир.
Садоқатли ва ақлли хизматкор, ҳушёр ва овсар қизлар, содиқ ва хиёнаткор хизматкорлар ҳақидаги масаллар фақат биргина ҳақиқатни билдиради. «Зотан бир марта ўлиш ва ундан кейин ҳукм қилиниш инсонларнинг тақдиридир»[123]. Абадийликка жиддий муносабатда бўлиш керак. Ҳукм бўлиши аниқ.
Бизнинг заминда бўлишимиздан мақсад битта: ўзимизга абадий уйни танлаш. Кўпинча сиз хато қилишингиз мумкин. Касб танлашда, шаҳар танлашда ёки бу шаҳардаги бирон уйни танлашда хато қилишингиз мумкин. Аммо бу хатоларга қарамасдан сизда тирик қолиш имкони бор. Сиз ҳатто эр ёки хотин танлашда хато қилишингиз, аммо тирик қолаверишингиз мумкин. Шундай танлов борки, у албатта тўғри қилиниши керак: бу танлов — сиз мангуликни қаерда ўтказишингизни ҳал қилади.
Қизиқ, Масиҳ Ўзининг биринчи ва энг сўнгги ваъзлари учун битта мавзуни танлаган. Тоғдаги биринчи ваъзида Масиҳ бизни қум ва тошлардан[124], кенг ва тор дарвозалардан, тор ва кенг йўллардан, одамларнинг катта ва кичик гуруҳларидан, дўзахнинг муқаррарлиги ёки осмон шодликларидан бирини танлашга чорлайди[125]. У аслида бизни худди шунга тайёр бўлишга чорлайди.
Жаноб Эрнест Шеклтон Антарктидага қилган экспедицияларидан бирида ўртоқларидан бир гуруҳини Филлар оролида қолдирди. У дўстларини Англияга қайтиб кетаётганда олиб кетмоқчи эди. Аммо йўлда кечикиб қолди. Ўртоқлари кетидан қайтиб келганда, денгиз музлаган, оролга кемада яқинлашиб бўлмас эди. Шеклтон оролга кемада яқинлашишга уч марта уриниб кўрди, аммо ҳар гал унга муз ҳалақит бераверди. Ниҳоят, тўртинчи марта уринишда улар музликлар орасидаги тор йўлакни кўриб қолдилар.
Оролдаги денгизчилар қутқарувчиларни озиқ-овқатларни ва бошқа нарсаларни қопларга солиб, кемага ортишга тайёр ҳолда кутаётганларини кўриб Шеклтон ҳайрон бўлди. Тезда улар кемага ўтириб Англияга йўл олдилар. Шеклтон оролда қолган дўстларидан, сизлар қандай қилиб мен келишимга тайёр турдингизлар, деб сўради. Денгизчилар, кема бизни олиб кетиш учун қачон келишини билмасдик, аммо барибир кеманинг келишига ишонардик, деб жавоб бердилар. Шунинг учун ҳар куни уларнинг каттаси ухлайдиган қопини йиғиштириб, нарсаларини шай қилиб қўярди, дўстларидан ҳам шундай қилишни илтимос этарди: «Бўлинглар, бўла қолинглар, йигитлар! Нарсаларингизни йиғиштиринглар, бугун жаноб Эрнест бизни олиб кетишга келиб қолиши мумкин»[126]. Бу одам ўртоқларини доимо тайёр туришга ундаб, уларга катта ёрдам берди. Масиҳ ҳам бизни тайёр бўлишга ундаб қилган ишлари биз учун ниҳоятда муҳим. Бу — «юқори тугма қоидаси»дир. Ҳаялламанг, бу тугмани бугун, ҳозироқ тўғри қаданг. Ахир, биз тугмаларни Раббий кетгандан сўнг қадамаймиз-ку.
19-боб
Атир гуллари бор одамлар
Жон Блендер ўриндиқдан турди, кийимларини тўғрилади ва Марказий вокзалга кириб келаётган одамларни диққат билан кузата бошлади. Унинг нигоҳи ўзи ҳеч қачон кўрмаган қизни ахтарарди. У қўлида атиргул ушлаган бу қизни ҳал кўрмаган бўлса-да, унинг қалби қизга таниш ва яқин эди. Биринчи марта у бундан ўн уч ой илгари Флорида штатидаги кутубхонада қиз билан қизиқиб қолди. Токчадан китобни олиб, китобнинг ўзига эмас, китоб варақлари ҳошияларидаги ёзувларга эътиборини қаратди. Чиройли, думалоқ ҳарфлар билан ёзилган бу сўзларда китобнинг олдинги эгасининг чуқур заковати ва ўткир ақли акс этганди. Китобнинг ички муқовасида у китоб эгасининг исми-фамилиясини ўқиди: Холлис Мейнелл хоним.
Орадан бир оз вақт ўтгач, бир оз ҳаракат қилиб, қизнинг яшаш манзилини топди. У Нью-Йоркда яшар экан. Дон қизга хат ёзди ва унга ўзини таништириб, бундан кейин хат ёзишиб туришни таклиф қилди. Кейинги кун у океан ортига жўнаб кетиши керак эди, чунки Иккинчи жаҳон уруши борарди. Шундан сўнг ўн уч ой давомида улар мактублар орқали бир-бирлари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлишди. Ҳар бир мактуб уларнинг қалбига тушган уруғ эди. Аста-секин уларнинг ўртасида қандайдир муайян туйғулар пайдо бўла бошлади.
Блинчер яна Мейнелл хонимдан, расмингизни юборсангиз, деб илтимос қилди. Аммо Мейнелл хоним бундан бош тортди. Унингча, Жон Блинчер самимий бўлса, ташқи кўриниш ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб ҳисобларди руҳ.
Ниҳоят, Жон Европадан қайтадиган вақт келди. Улар биринчи учрашув ҳақида келишиб олдилар. Учрашув кеч соат еттида Нью-Йоркдаги Марказий вокзалда бўлиши керак эди. Қиз хатида: «Сиз мени костюмимга қадалган қизил атиргулдан таниб оласиз», деди.
Мана, кеч соат етти. Жон Марказий вокзалда. У чин дилдан севадиган, чеҳрасини бирон марта ҳам кўрмаган қизни кўзлари билан қидирарди.
Кейин нима воқеа юз бергани, яхшиси, Жон Блинчернинг ўзи айтиб бера қолсин.
Ёш, баланд бўйли, сарвқомат қиз мен томонга кела бошлади. Унинг оч рангдаги тўлқинланиб турган сочлари чиройли турмакланган, кулиб турадиган кўзлари мовий тусда, лаблари ва иякларининг тузилиши қизнинг мулойимлигидан, айни пайтда қатъий характеридан айтиб турарди. Оч-яшил рангдаги либоси эса уни инсон кўринишида намоён бўлган баҳорга ўхшатиб, қиз ҳақидаги тасаввурни янада тўлдириб турарди.
Мен беихтиёр унинг қўлида атиргул бор-йўқлигига эътибор бермай, у томонга қараб бир неча қадам ташладим. У мени кўрган зоҳоти лабларида сезилар-сезилмас синовчан табассум пайдо бўлди: «Мени кутяпсизми, йигит?» — сўради у. Нима қилаётганимни ҳам ўйлаб ўтирмай, қиз томонга бир қадам қўйдиму шу пайт Холлис Майнеллни кўрдим. У шу қизнинг орқасида турган экан. Унинг ёши қирқлардан ўтган, эскигина шляпаси остида оқ оралаган сочлари кўриниб турарди. Ҳеч иккиланмай уни семиз деб айтиш мумкин эди, йўғон оёқларида пошнасиз туфли бор эди. Яшил либос кийган қиз жадал кетиб борарди. Мен жуда ёмон аҳволда қолган эдим: Менда қизнинг орқасидан югуриб етиб олиш иштиёқи кучли эди. Айни пайтда менга шу ойлар давомида ёрдам бериб, руҳимни кўтарган аёл билан ҳам учрашувни жуда орзиқиб кутган эдим. Ўша аёл менинг рўпарамда турарди. Аёлнинг лўппи юзлари ифодаси мулойим бўлиб, ҳар бир ишини ўйлаб қилишидан дарак берарди. Илиқ, кулранг кўзларидан эса меҳр уфуриб турарди. Мен ҳеч шубҳаланмасдим. Бармоқларим кўк чарм муқовали кичкина китобни — аёл мени таниб олиши учун бу китоб белги эди — қисиб турарди. Ҳа, бу севги эмас, эҳтимол, севгидан ҳам кучли туйғу бўларди. Балки, орамизда мен шу пайтгача қадрлаб келган ва бундан кейин ҳам қадрлайдиган дўстлик бўлар.
Мен елкаларимни тўғриладим, умидларим пучга чиққанидан томоғимга тиқилган аламдан гапириш қийин бўлса-да, қўлимдаги китобни унга узатиб, дедим: «Мен лейтенант Жон Бленчерман, сиз эса Мейнелл хоним бўлсангиз керак. Вақт топиб келганингиздан хурсандман, сизни кечки овқатга таклиф қилишимга рухсат беринг».
Аёлнинг юзида жилмайиш ифодаси зоҳир бўлди: «Ўғлим, мен нима гаплигини билмайман, — деди у. — Аммо ҳозиргина шу ердан ўтиб кетган яшил либосдаги ёш аёл, шу атиргулни пальтонгизнинг ёқасига қистириб олсангиз, деб илтимос қилди. У яна бир нарсани илтимос қилди: агар сиз мени кечки овқатга таклиф қилсангиз, ўша қиз сизни кўчанинг нариги томонидаги ресторанда кутишини сизга айтиб қўйишимни ҳам илтимос қилди. У сизни синамоқчи экан, шундай деб айтди»[127].
Мейнелл хонимнинг ақлига қойил қолмаслик мумкин эмас. Инсоннинг унча гўзал бўлмаганларга қилган муомаласига қараб унинг қалби ҳақида кўп нарса айтиш мумкин. «Мен кимни севишингни менга айт, — деб ёзган эди Гуссе. — Шунда мен сенинг кимлигингни айтаман».
Одамнинг хунуклигига қараб муносабатда бўладиган инсонларни синамоқчи бўлган биринчи аёл Холлис Мейнелл эмас.
Масиҳ Матто хушхабарида Ўзининг сўнгги ваъзларидан бирида айнан шу ҳақда гапирган. У масалдан фойдаланмайди. У фақат бунинг қандай бўлишини ҳикоя қилиб беради. Бу ўйлаб топилган масал эмас — Масиҳ қўрқинчли ҳукм саҳнасини тасвирлайди. У сўнгги ваъзида Ўзининг ишларида доимо кўриниб турган нарса — «кичик одамлар»га бўлган севгиси ҳақида сўзлайди.
Олдинги бобда Охирги ҳукм куни тўғрисида гапирган эдик. Бу куннинг муқаррарлигини кўрдик — Масиҳнинг келишига шубҳа йўқ. Биз бу куннинг оммавийлигини кўрдик — у ерда қачонлардир яшаган ва яшаётганларнинг барчаси ҳозир бўлишади. Биз, шунингдек, бу куннинг қатъий аниқлигини ҳам кўрдик — унда Масиҳ қўйларни — эчкилардан, яхшиларни — ёмонлардан узил-кесил ажратади.
Масиҳ нимага асосланиб танлов қилади? Бу саволнинг жавоби сизга ғалати туюлиши мумкин: «Мен оч эдим, сизлар Менга овқат бердингизлар. Мен чанқаган эдим, сизлар Менга ичимлик бердингизлар. Мен саргардон эдим, сизлар Менга уйингиздан бошпана бердингизлар. Мен яланғоч эдим, сизлар Менга кийим бердингизлар. Мен хаста эдим, сизлар Мени парвариш қилдингизлар. Мен зиндонга ташланган эдим, сизлар Менинг ҳолимдан хабар олдингизлар»[128].
Нажот топган одам нажот топмаган одамдан нимаси билан фарқ қилади? Маълумоти биланми? Бошқа мамлакатга бориб, миссионер бўлишга тайёрлиги биланми? Бир талай одамларни йиғиб, улар олдида ваъз қила олиш қобилияти борлиги биланми? Ёзувчилик истеъдоди ва ўзининг асарлари билан умид бағишлай олиш малакаси борлиги биланми? Мўъжизалар кўрсатиш қобилият борлиги биланми? Йўқ. Нажот топганларнинг нажот топмаганлардан фарқи шуки, нажот топганлар атрофдагилар қадрламайдиган одамларга севгисини намоён этадилар.
Масиҳ юқорида санаб ўтган ишлар қандайдир ўзгача қобилият ва истеъдодни талаб қилмайди. Масиҳ: «Мен хаста эдим, сиз шифо бердингиз, Мен зиндонда эдим, сиз халос қилдингиз, Мен дарбадар эдим, сиз уй қуриб бердингиз…», демайди. У яна: «Мен ташна эдим, сиз руҳий насиҳатлар билан Менга мурожаат қилдингиз», демайди.
Ҳеч қандай дабдабали, маъқуллайдиган ҳайқириқлар, газеталарда шон-шараф ўқийдиган мақолалар йўқ. Фақат эзгу ишлар қиладиган оддий одамлар бор, холос. Чунки бошқаларга яхшилик қилганимизда, биз Раббийга яхшилик қилган бўламиз.
Франциск Ассизский фақирона ҳаёт кечириш ва Раббийни қидириб топиш учун бойлигидан воз кечишга қарор қилганда, эгнидаги бор кийим-кечагини ҳам ечиб ташлаб шаҳардан чиқиб кетди. Кўп ўтмай, унга йўл четида ўтирган мохов дуч келиб қолди. Франциск унинг ёнидан ўтиб кетди. Аммо кейин тўхтаб, орқасига қайтиб келди ва у бечорани қучоқлади. Шундан кейин у йўлида давом этди, бир неча қадам юриб, яна ортига ўгирилди. У моховга сўнгги марта қарамоқчи эди. Лекин ҳеч кимни кўрмади. Йўлда ҳеч ким йўқ эди.
У умрининг охиригач ўша мохов Исонинг Ўзи эканига ишониб яшади. Эҳтимол, у ҳақдир.
Масиҳ Ўзини унутган одамларда яшайди. У кўзга ташланмайдиганлардадир. У Ўзига кўзи ожизлар ва хасталар орасидан бошпана қурди. Агар биз Раббийни кўрмоқчи бўлсак, Уни ҳаётдан дакки еганлар ва бахтсизлар орасидан қидиришимиз керак. Шунда биз Уни топамиз.
Раббийни излайдиганларга Худо мукофот беради. Мана, Унинг ваъдаси. «Мени излайдиганларни Худо мукофотлайди»[129]. «Менинг оила аъзоларимдан энг кичигидан биттасига нима қилган бўлсангиз, Мен учун қилган бўласиз»[130]. Мана, ҳаракат қилиш учун қўлланма.
Балки, сиз газеталарда Филадельфиялик бир одам майда-чуйдалар бозоридан ўзига ёқиб қолган рамкадаги суратни сотиб олгани тўғрисида ўқигандирсиз. Суратнинг нархи арзимаган пул бўлиб, эски, чанг босган, ранглар ўчиб кетган бу суратда қишлоқ жамоатхонаси тасвирланган эди. Умуман олганда, у суратни рамкаси ёқиб қолгани учун сотиб олди.
Бу одам уйига келиб, суратни рамкадан чиқариб олаётган эди, унинг оёқлари остида тартиб билан тахланган қоғоз тушди. Бу Мустақиллик декларацияси эди.
Ҳамма энг арзон суратнинг жойи майда-чуйдалар бозорида деб қараган эди. Бу сурат рамкасига 1776 йилнинг 4 июлида нашр қилинган Мустақиллик декларациясининг юзта ҳақиқий нусхаларидан биттаси жойлаштирилган экан[131].
Кўпинча қимматбаҳо нарсаларни энг ғалати жойлардан топиш мумкин. Бу — майда-чуйдалар бозорига ва бизнинг ҳаётимизга ҳам тааллуқлидир. Ҳаётингизнинг бир заррасини бутун дунё юз ўгирганларга — уйсизларга, етимларга, ОИТС билан касалланганларга, ёлғиз одамларга бағишлашга ҳаракат қилиб кўринг. Балки, улар туфайли сиз мустақилликни кўлга киритарсиз.
Масиҳ Ўз сўзлари билан бизни ҳаракатга ундайди: «Сиз улар билан қандай муносабатда бўлсангиз, Мен билан ҳам шундай муносабатда бўласиз».
Масиҳ Ўз ҳаётининг сўнгги ҳафтасида бизга ўргатганлари орасида бу сўзлар бизга бошқаларидан кучлироқ таъсир қилади. У бу сўзларни айтмаслигини истардим. Мен Унинг, нажот топган одам бошқалардан китоблари билан фарқ қилади, дейишини хоҳлардим, чунки ўзим бир неча китоб ёзганман. Мен Унинг, нажот топган одамни бошқалардан ўқиган ваъзлари фарқлаб туради, деб айтишини хоҳлардим. Чунки мен юз мартача ваъз ўқигандирман. Мен Масиҳнинг, нажот топган одамни унинг катта аудиторияларда ваъз ўқигани фарқлайди, деб айтишини хоҳлардим. Чунки мен минглаб одамлар олдида чиқиш қилганман.
Аммо у бундай демади. Масиҳнинг сўзлари менга шуни эслатдики, Уни кўрганлар бошқаларнинг азоб чекишларини кўра олишга қодир эканлар. Масиҳни кўриш учун қариялар уйига боринг, ёлғиз кампирнинг ёнига ўтиринг, у овқатни оғзига олиб бораётганда, у тўкиб юбормаслиги учун унинг қалтираган қўлларидан ушланг. Масиҳни кўриш учун касалхонага боринг, ҳамширадан, мени ҳеч ким хабар олмайдиган хастанинг олдига олиб боринг, деб илтимос қилинг. Масиҳни кўриш учун идорангиздан чиқинг, идорангизнинг хотинидан ажралишгани учун қайғураётган, болаларини соғинган қоровули билан гаплашинг. Шаҳар марказига боринг, нонингизнинг ярмини — ҳа, ҳа, нонингизнинг ярмини, ваъзингизни эмас — ер ости йўлагида яшаётган уйсиз бечорага беринг.
Масиҳни кўриш учун хунукларга ва ҳамма томонидан унутилганларга разм солиб қаранг. Буни синов деб аташингиз мумкин, қалбингизнинг теранлиги ўлчанадиган синов. Аслида бу ҳам Хол Мейнелл Жон Бенчерни синаган усулдир. Бу дунё инкор қилганлар атиргуллар билан белгилаб қўйилган. Баъзида биз ҳам, худди Жон Бенчер каби, кутишимизга ўзгартиришлар киритишимизга тўғри келади. Баъзида эса мақсадларимизни қайта-қайта ўрганиб чиқишга мажбур бўламиз. Агар Жон Бенчер кўримсиз аёлдан юз ўгирганда эди, у бутун ҳаётининг севгисини қўлдан чиқарган бўларди. Агар биз ҳам юз ўгирсак, унда анча нарсани қўлдан чиқарган бўламиз.
ПАЙШАНБА
20-боб
Хизматкор
Ғалати бир нарсани тасаввур қилинг: Президент сизни кечки овқатга таклиф қилган. Сиз ўзингиз ишлайдиган ресторанда тарелкаларни тахлаб ўтирибсиз. Сиз бу ерда кечки сменада ишлайсиз. Шу пайт хизматчилар кирадиган эшикдан хабарчи кириб келади:
— Хўжайин аллақачон кетган, эртага келади, — дейсиз сиз унга.
— Менга хўжайин керак эмас, мен сизни қидириб келдим.
— Нима? Нима?
— Мен Оқ уйданман, — дейди у худди ишчан қиёфада қора костюм ва портфелига урғу бергандай.
— Жиддий гапиряпсизми? — сўрайсиз унга диққат билан тикилиб, кейин унинг орқасида биронтаси бор-йўқлигини билиш мақсадида мўралайсиз.
— Мен сизга мана бу хатни бериб қўйишим керак.
Сиз нима иш қилиб қўйганингизни эслаш учун зўр бериб миянгизни ишлатасиз. Айни пайтда буни холаваччам Альфред ўзининг машинасига ҳаво тозалагич восита ўрнига саримсоқ пиёз осганлигим учун ўч олмоқчи бўлиб қилган, деган шубҳаларингиз ҳам йўқ эмас. Аммо сиз бир нарсадан ҳеч шубҳа қилмайсиз. Сиз уларга керак одам эмассиз, бу ерда қандайдир хатолик бор.
Шундай бўлса-да, қўлларингизни фартуққа артиб, хатни оласиз. Бу хат сизга. Гербли конверт устига исмингиз ёзув машинкасида эмас, қўлда, чиройли дастхат билан ёзиб қўйилган.
Конверт анча қиммат туради, бу Альфред ҳақидаги фикрларингизни чипакка чиқаради. Альфред бундай конвертни фақат сизни алдаш учун сотиб олмайди. Альфред жуда қурумсоқ. Хат солиқ инспекциясидан ҳам эмас. Чунки хат расмий, бунинг устига чопар… Сиз конвертни очиб, хатни ўқийсиз: «Ассалому алайкум…» Хат АҚШ Президентидан. Сиз хатни келтирган чопарга қарайсиз ва у худди шу дақиқалар учун шу ишга киргандай жилмайиб турганини кўрасиз.
Кимгадир бу хатни кўрсатиш учун атрофингизга қарайсиз, аммо бу ерда ҳеч ким йўқ. Сиз бу янгиликни официантка Альмага суюнчилаш учун ресторан залига югуришга тайёрсиз, аммо қизиқувчанлик ва сабрсизлик устун келади, сиз хатни ўқийсиз.
Бу таклифнома, кечки овқатга таклифнома. Сизнинг шарафиингизга давлат миқёсида қабул ва зиёфат уюштириляпти.
Собиқ хотинингиз туғилган кунингиз муносабати билан тўйларингиздан кейин кўп ўтмай кеча уюштирган эди. Сиз бундан бошқа ўзингизнинг шарафингиз муносабати билан уюштирилган кечки овқатни эслай олмайсиз. На болаларингиз, на қўшниларингиз, на бошлиғингиз…на ўзингиз ҳеч қачон ўзингиз учун кечки зиёфат уюштирмагансиз. Энди эса Президент сиз учун қабул маросими уюштиряпти.
— Бу нима учун… нимани билдиради? — сўрайсиз сиз.
— Фақат бу хатда ёзилган нарсани. Сиз Оқ уйга таклиф қилингансиз. Президентга нима деб жавоб берай?
— А? …
— Мен Президентга нима дейман? Сиз кечки овқатга бора оласизми?
— А, ҳа-ҳа…албатта. Мен буни жуда хоҳлардим.
Шундай қилиб, сиз кечки овқатга боряпсиз. Шу куни сиз гардеробингиздаги энг яхши кийимингизни кийиб, Пенсильванияга қараб йўл оласиз. Дарвоза олдида сизни қора костюм кийган одамлар кутиб оладилар ва Оқ уй эшигигача кузатиб қўядилар. У ерда сизни смокинг кийган кузатувчи қарши олади. Мана, сиз қадамларингиз садоси остида унинг кетидан барча перзидентларнинг суратлари осилган узундан-узоқ коридордан боряпсиз.
Коридор охирида — зиёфатлар уюштириладиган зал. Зал ўртасида устига фақат битта овқатланиш анжоми ва сизнинг исмингиз ёзилган узун стол.
Кузатувчи имо билан сизни ўтиришга таклиф қилиб, ўзи кетади. Шунда сиз Президент саройига кирганингиздан бошлаб сизни таъқиб қилаётган истагингизни амалга оширасиз. Сиз зални кўздан кечириб, завқ билан дейсиз: «О-о-о-о…».
Сиз илгари ҳеч қачон бундай узун столни кўрмагансиз. Бунақанги чиройли биллур идишларни ҳам. Ичида шундай кўп санчқи ва пичоқлари бўлган овқатланиш анжомларини ва шундай кўп шамлари бўлган қандилни ҳам.
«Ў-ў-ў-ў…»
Оёғингиз остида шарқ гилами ётибди. У Хитойдан келтирилган бўлса керак. Тепангиздаги қандил — Олмонияда ишлаб чиқарилган бўлса керак — миллионлаб биллур нурлари билан ялтираб турибди. Стол ва стуллар сайқал берилган дарахтдан ясалган, улар шубҳасиз Ҳиндистондан келтирилган.
Шундоққина қаршингизда — олов ёниб турган камин. Оқ мармар токча устида сурат осилган. Бу…Наҳотки… Кўзларингизга ишонмаяпсиз — бу ахир, сизнинг суратингиз-ку!Ўша кўзлар, ўша тентакнамо кулги, ўша бурун (бурнингиз бир оз кичикроқ бўлишини хоҳлайсиз). Аммо шубҳа йўқ! Бу сизсиз!
«Ў-ў-ў…»
— Бу суратни сизни эслатиб турсин, деб шу ерга осганман.
Орқадан эшитилган овоз сизни қотиб қолишга мажбур қилади. Бу овоз кимники эканини билиш учун ўгирилиб қарашга ҳожат йўқ. Бу овоз фақат битта одамга тааллуқли бўлиши мумкин. Сиз ўгирилиб қарамасдан у яқинлашиб келишини кутасиз. Ниҳоят, у қўлини елкангизга қўяди.
Сиз ўгирилиб орқангизга қарайсиз ва…Ҳа, у Президент. Сиз тасаввур қилганингиздан кўра бўйи пастроқ, аммо унинг бутун вужудидан куч-қудрат барқ уриб турибди. Тўртбурчак шаклидаги ияк. Чуқур жойлашган кўзлар. Туртиб чиққан ёноқлар. Кулранг костюм. Қизил галстук. Фартук.
Нима- нима?
Президент фартук кийиб олганми? Оддий ошхона фартуги — худди сиз ишхонада киядиган фартукка ўхшайди.
Бу манзарани унинг орқасида турган кичик хизмат столи мукаммал қилиб туради. У сизга ликопчада нон узатиб, шундай дейди: «Меникига меҳмонга келганингиздан жуда хурсандман!» Сиз нима дейишингиз кераклигини биласиз. Аммо жавоб ўша «Ў-ў-ў…». Сизни ҳеч тарк этмаётган «Бу нимани билдиради?» деган фикр орасида ўша «Ў-ў-ў…» йўқолиб қолган.
Сиз, бундай таклифномани олишнинг ўзи жуда ажойиб, деб ўйлардингиз. Сиз Оқ уйга кириш — бу шундоқ ҳам ажойиб саргузашт деб ҳисоблардингиз. Оғзингиз ҳайратдан очилиб қолди. Деворда суратингизни кўрганингиздан бери очиқ. Аммо буларнинг барчаси ҳозиргина кўрганларингиз олдида жозибасини йўқотди.
Қўмондон официант вазифасида? Президент сизга стол тузаяпти, сизга кечки овқат келтиряпти! Давлатнинг биринчи одами стаканингизни шаробга тўлдириб, сизга нон олиб келяпти! Олдиндан сиз тайёрлаб қўйган чиройли сўзлар ва мақтовлар бир зумда унутилди. Шунда ақлингизга келган биринчи сўзни айтасиз: «Тўхтанг, тўхтанг! Бу ишингиз нотўғри! Сиз бу ишлар билан шуғулланмаслигингиз керак. Столни безаб, овқат тортиш сизнинг ишингиз бўлмаслиги керак. Мен ресторанда идиш-товоқ юваман, бу менинг вазифам. Кечки овқат хўрандаларига хизмат қиламан. Сизнинг ёшингиз меникидан каттароқ. Сиз эса мендан муҳимсиз. Менга фартукни беринг-чи, мен уни кийиб, сиз жаноби олийларига, кечки овқатни бераман».
Аммо Президент бунга ижозат бермайди: «Ўтиринг, ўтиринг, — дейди у, — бугун сиз менинг ҳурматли меҳмонимсиз».
Мана, мен сизни, мутлақо фантастик воқеа бўлади, бу воқеани кўз олдингизга ҳеч қачон келтиролмайсиз, деб огоҳлантирган эдим-ку. Ҳаётда ҳеч қачон бундай бўлмайди ёки…барибир бўладими?
Бўлади, фақат буни кўра оладиганлар билан. Улар билан бундай воқеалар ҳар ҳафта юз беради. Бутун дунё бўйлаб банкет залларида қўмондон оддий одамларга ҳурмат кўрсатади. Мана, улар — энг оддий одамлар, бор-йўғи бир соат илгари ошхонада турганлар ёки автомобиллар тиқилинчида турганлар энди ҳукмдор билан бир дастурхонда ўтирибдилар.
Ҳурматли меҳмонлар. Ғоят муҳим одамлар. Бугун уларни инсониятнинг бутун тарихини қўлига олган Ўша қабул қиляпти ва уларга хизмат қиляпти. «Бу Менинг танам», — дейди У нонни синдириб.
Сиз эса, бу — бор-йўғи маросим, одат, жуда қадимда юз берган воқеа ҳақидаги хотира, деб ўйладингиз. Сиз, бу — бор-йўғи Ўз шогирдлари билан қилган кечки овқат, деб ўйладингиз.
Аксинча, бу анча каттароқ нарса.
Бу — сизни кечки ибодатга У таклиф қилаётганига ишора.
Мен ҳали ёш бола эканман, жамоатимиздаги бошқа болалар билан бирга уйларга ва касалхоналарга май ва нон улуши (причастие)ни тарқатардим. Ибодат қилишни ҳамда май ва нон маросимини қабул қилишни хоҳлайдиган, аммо жамоатимизга кела олмайдиганларга олиб борардик. Бир куни шу улушни касалхонага бир кекса одамга олиб бордик. Ўшанда мен 10–11 ёшларда эдим. Ўша кекса одамнинг палатасига кирганимизда, у жуда нимжон бўлиб ухлаб ётган экан. Биз уни уйғотишга ҳаракат қилдик, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик. Уни елкасидан ушлаб силкитдик, отини айтиб чақирдик, аммо ҳаммаси бефойда эди — у қаттиқ ухлаб қолган эди.
Биз вазифамизни бажармасдан кетишни хоҳламасдик, энди нима қилиш керак?
Ўртоқларимиздан бири ухлаб ётган ўша одамнинг оғзи сал очиқлигини сезиб қолди. «Нега мумкин эмас?» — бир-биримизга қарадик биз. Биз майда нон тўғрамлари устида ибодат қилдик ва беморнинг оғзига солдик. Кейин узум шарбати устида ибодат қилиб, бер неча томчисини ухлаб ётган одамнинг оғзига томиздик.
У ҳамон ухлаб ётарди.
Ҳозир ҳам кўп одамлар ухлаб ётибдилар. Кўпчилигимиз учун май ва нон маросими — мудраб нон чайнашимиз ва узум шарбатидан ичишимиздир. Бундай дақиқаларда ҳеч нарса бизнинг қалбимизни безовта қилмайди. Ахир, ҳаммаси бошқача бўлиши керак эди-ку!
Раббий дастурхон атрофида ўтириш учун таклифнома олиш ва Шоҳлар Шоҳининг Ўзи хизмат қиладиган дастурхонда ўтириш — энг ажойиб, энг ҳайратланарли воқеа бўлиши керак.
Матто Хушхабаридан Сирли зиёфат ҳақида ўқиганингизда ажойиб бир нарсани сезмасдан қолмайсиз. Воқеаларни бошқарувчи Ўша — Масиҳ. У жойни танлади, вақтни белгилади, ҳамма нарсани тайёрлади. «Менинг вақтим яқинлашиб қолди, Фисиҳ байрамини Мен шогирдларим билан сизнинг уйингизда нишонламоқчимиз»[132].
Кечки овқат пайтида Масиҳ меҳмон эмас, балки мезбон. У нонни синдириб, шогирдларига беради. Феъллар бўлиб ўтаётган воқеанинг мазмуни ва моҳиятини кўрсатяпти: У олади, фотиҳа қилади, нонни синдиради ва тарқатади.
Кечки овқат пайтида Масиҳга хизмат қилмайдилар, балки У бошқаларга хизмат қилади. Айнан Раббий кечки ибодат пайтида худди хизматкор каби кийиниб, шогирдларининг оёқларини ювади[133].
Кечки дастурхон атрофида кўп ҳаракат қиладиган одам — Масиҳ. У жойида ётиб қабул қилмайди, балки ўрнидан туриб хизмат қилади.
У ҳозиргача ҳам шундай қилади. Раббийнинг оқшом зиёфати — Унинг сизга инъомидир. Раббийнинг оқшом зиёфати — сизнинг қурбонлигингиз эмас[134], балки Унинг сирлилигидир[135].
Кўпинча биз оқшом ҳақида қандайдир бир томоша ҳақида ўйлагандай ўйлаймиз. Биз худди саҳнага чиқаётгандай бўламиз. Раббий эса залда ўтириб сизга қараяпти. Биз бу ҳақда худди урф-одатни бажараётгандай ўйлаймиз. У эса кузатиб турибди. Аммо ҳаммаси бошқача ўйланган эди-ку. Аксинча бўлганда Исо дастурхон олдида ётган, ҳеч нарса қилмаган бўларди[136].
Лекин Исо бошқача йўл тутди. Исо Фисиҳ байрамини нишонлаш пайтида шогирдларини бошқариб, Ўзини устоз ва муаллим қилиб кўрсатди. У шогирдарининг оёқларин ювиб, Ўзини хизматкор қилиб кўрсатди. У шогирдларининг авфини ҳадя қилиб, Ўзини уларнинг Қутқарувчиси қилиб кўрсатди.
Масиҳ воқеаларни бошқарарди. У воқеалар марказида эди. У ҳамма воқеаларнинг ортида турарди, У барча бўлиб ўтаётган воқеаларнинг маркази бўлиб қоляпти.
Бу кунгача ҳам айнан шундай бўлиб қоляпти. Сиз Раббий билан бир дастурхон атрофида ўтирибсиз. Сиз Раббийнинг оқшом зиёфатини еяпсиз. У Ўз шогирдлари билан ибодаб қилганидай, У Худога биз учун ибодат қиляпти[137]. Сиз Раббийнинг оқшом зиёфатини тановул қилишга таклиф қилинганингизда, балки бу таклифномани хабарчи олиб келгандир, аммо таклифномани Раббийнинг Ўзи ёзган.
Бу — муқаддас таклифнома. Сиз кундалик ҳаёт ботқоғидан чиқиб, Унинг шарафи нурлари ичига киришингизга даъват қилаётган Муқаддас сирдир. У сизни дастурхон атрофида кутяпти.
Нонни синдириш керак бўлганда, нонни Масиҳнинг Ўзи синдиради. Шароб қуйилиши керак бўлганда, уни Масиҳнинг Ўзи қуяди. Елкаларингиз ўзингизни босиб турган ташвишлар юкидан халос бўлганда, яқинингизда фартук тутиб Шоҳ тургани учун шу воқеа юз беради. Кейинги сафар Унинг оқшом зиёфатига борганингизда, бу ҳақда ўйлаб кўринг.
Охирида яна бир фикр.
Заминда юз бераётган воқеалар — фақат осмонда бўлиб ўтадиган воқеаларга ўхшайди, холос[138]. Кейинги сафар хабарчи оқшом зиёфати учун сизга таклифнома олиб келганда, ҳамма ишингизни йиғиштириб қўйиб, боринг. Сиз оқ фотиҳа оласиз ва тўясиз. Энг муҳими — у сизни чақирганда, Унинг дастурхони атрофида ўтиришингизга ишонч ҳосил қиласиз.
21-боб
У сизни танлади
Чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси. Ярим тун. «Сўнгги атиргул»ларга тўла ҳафта. Маъбадга сўнгги ташриф. Охирги ваъз. Сўнгги оқшом зиёфати. Ниҳоят, бу ҳафтанинг энг ҳиссиётли соати — сўнгги ибодат.
Боғ сояга бурканган. Зайтун дарахтларининг ғадир-будур, қинғир-қийшиқ поялари ва шохлари ҳамма ёққа соя солиб турибди. Дарахтлар буралиб, илдизлари билан тошлоқ ерга ёпишиб олиб, осмонга бўй чўзадилар. Баҳор мавсуми боғни кумуш рангга бўяйди. Юлдузлар булутлар сузиб юрган зим-зиё тундаги осмоннинг қора бахмалида шуъла сочиб турибди. Салқин шамол эсмоқда. Кўзга илашмайдиган майда ҳашоротлар ғўнғиллайди. Барглар титрайди.
Исо шу ерда — боғда. У тердан пишиб кетган кийимда, тиз чўкиб ибодат қиляпти. Унинг нам сочлари ҳўл пешонасига ёпишган. У азоб чекяпти.
Қалин дарахтлар орасидан овоз эшитилади. Бу хуррак овози. Масиҳ энг яқин дўстлари ўтирган томонга — боғ ичкарисига қарайди: улар ухлашяпти. Дарахтларнинг қалин пўстларига суянганларича ухлаяптилар. Исонинг илтижолари уларни безовта қилмайди. Исонинг азоб-уқубатлари уларга таъсир қилмайди. Улар чарчаган.
Исо ўрнидан туради. Дарахтлар соясидан ўтиб, уларнинг рўпарасига ўтиради. «Илтимос, — дейди У, — илтимос, ухламай, Мен билан бирга ўтиринглар». Бутун оламнинг Раббийси ёлғиз қолишни хоҳламайди.
Шундай бўлса ҳам, Исо дўстларининг чарчаганларини билади. Охирги бир неча соат ичида, дўстларим англаб олсин, деб Исо уларга кўп нарса берди. Ҳаворийлар илгари Исонинг бунчалик кўп гапирганини эшитмаганлар. Улар ҳеч қачон Исонинг шунчалик қатъият билан сўзлаганини эшитмаганлар. У шу пайтгача бу қадар қизғин ва ишонч билан сўзламаган эди.
Чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси. Вақт олға босяпти.
Улар меҳмонхонадан чиқиб, шаҳар кўчаларидан бораётганларида вақт ярим тунга яқинлашиб қолган эди. Улар Фаввора дарвозаси ёнидаги Қуйи пляж деган жойдан ўтдилар. Улар Қуддусни ташлаб кетяптилар. Йўл ёқасида гулханлар ёняпти, Қуддусга Фисиҳни нишонлаш учун келган зиёратчилар чодирларини тиккан. Уларнинг кўпчилиги кечки овқатдан сўнг аллақачон ухлашга ётганлар. Ҳали ухламаганлари йўл ёқалаб бораётган кичик гуруҳга эътибор қилмайди.
Бу гуруҳ водийни кесиб ўтиб, Гетсиманияга олиб борадиган сўқмоқ йўлдан юқорига кўтарила бошлайди.
Йўл анча тик бўлгани учун, улар дам олиш учун тез-тез тўхташади. Шаҳар деворлари оралаб қайсидир кўчалардан ўн иккинчи ҳаворий шошилиб югурганича келяпти. Унинг оёқларини ўзи хиёнат қилган Одам ювган. Унинг юрагида ўз сўзларига қулоқ солган душман ҳукмрон. У Каяфани қидириб топиш учун югуриб келяпти.
Охирги жанг бошланди.
Масиҳ Қуддусга қараганда, Ўз шогирдлари кўрмаган нарсани кўради. Жанг шу ерда — Қуддус четида тамом бўлади. У иблиснинг барча тайёргарликларини кўради. У ёқдан-бу ёққа бориб келаётган шайтонларни кўради. У сўнгги ҳал қилувчи олишувга тайргарлик кўраётган душманни кўради. Худди арвоҳ каби ана шу сўнгги соатларни қўриқлаётган душманни кўради. Нафрат ҳукмдори иблис Яҳудонинг юрагини забт этган, энди Каяфанинг қулоғига пичирлаяпти. Иблис — ўлим ҳукмдори — ўз жарлигининг оғзини очди ва шу жарликка ёруғлик манбаини ташламоқчи.
Дўзах очиляпти.
Тарихчилар бунга худди Масиҳ ва яҳудийларнинг қарама-қаршилигига қарагандай қарашади. Аслида ундай эмас. Бу Раббийнинг иблисга қарши курашидир.
Масиҳ бу ҳақда биларди. У ҳали уруш тугамасдан туриб биларди. У асирликни бошидан кечириши керак. У ғалабадан олдин мағлубият келишини биларди. У тахтга ўтиришидан олдин азоб-уқубатлар қадаҳини ичишига тўғри келишини биларди. У қайта тирилиши ёруғлигидан олдин жуманинг зимистони келишини биларди.
У қўрқарди.
У ўгирилиб, боққа кўтарила бошлади. Исо кириш жойига яқинлашганда, тўхтади ва давра қуриб ўтирган дўстларига қаради. Дўстлари Исони тарк этишларидан олдин У охирги марта кўряпти. Боғда аскарлар пайдо бўлганда, дўстлари нима қилишларини У билади. Тез орада дўстлари Унга хиёнат қилишларини ҳам билади.
Аммо Исо уларни айбламайди, уларга насиҳат ҳам қилмайди. Аксинча, У ибодат қилади. У шогирдлари билан охирги дақиқаларни ибодатда ўтказади. У айтаётган сўзлар ўша пайтда самода чарақлаб турган юлдузлар каби абадийдир.
Бир зум тўхтаб тасаввур қилинг: сиз ҳам шундай вазиятга тушиб қолдингиз. Ўғлингизни океан ортига жўнатаётган пайтнинг охирги соати. Жон бераётган эрингиз ёки хотинингиз билан сўнгги дақиқаларни бирга ўтказяпсиз. Ота-онангизникига охирги ташрифни буюряпсиз. Сиз нима дейсиз? Нима қилпсиз? Қандай сўзларни айтасиз?
Масиҳ ибодат қилишга қарор қилади. У биз учун ибодат қилишга қарор қилади: «Мен шу одамлар учун ибодат қиламан. Шунингдек, уларнинг сўзлари туфайли Менга ишонган одамлар учун ҳам ибодат қиламан. Менга ишонганлар бирдам бўлишлари учун ибодат қиламан. …Бу одамлар бизда бирдам бўлишлари учун ибодат қиламан, токи дунё Мени Сен юборганингга ишонсин…»[139]
Масиҳ энг сўнгги ибодатида биз учун ибодат қилганига ҳам эътибор қилишимиз керак. Унинг севгига йўғрилган қуйидаги сўзларини ажрати6, тагига чизиб қўйинг: «Уларнинг сўзлари туфайли Менга ишонадиганларнинг барчаси учун ибодат қиламан». Ўша — сизсиз.
Масиҳ Гетсимания боғига кирганда, У сиз учун ибодат қилди. У осмонга қараб, у ерда сизни кўрди. Биз Масиҳ билан бўладиган кунни Унинг Ўзи кўрганда, сиз ўша ерда эдингиз. Унинг сўнгги ибодати сиз ҳақингизда эди. Унинг сўнгги азоб-уқубатлари сиз учун эди. Унинг энг сўнгги ҳис-туйғулари сизга қаратилган эди.
Масиҳ ўгирилиб, Ўзи билан Бутрусни, Ёқубни ва Юҳаннони олиб, боққа кирди. Исо уларга: «руҳим азоб чекяпти», деб, ибодат қила бошлади.
Исо ҳеч қачон Ўзини шундай ёлғиз сезмаган эди. Бўлиши керак бўлган нарсани фақат У қила оларди. Фаришталар буни қила олмайдилар — дўзахнинг эшигини очиш биронта ҳам фариштанинг қўлидан келмайди. Инсон ҳам буни қила олмайди — биронта ҳам инсон гуноҳ лаънатидан халос бўлиш учун пок эмас. Ер юзидаги биронта куч ёвуз кучларга қарши туриб, уларни енга олмайди — Раббийнинг Ўзидан бошқа биронта ҳам куч енга олмайди!
«Руҳ тетик, тана эса ожиздир», деб эътироф этади Масиҳ. Унинг инсоний табиати, илоҳий табиатимга тааллуқли бўлган нарсадан Мени озод қилгин, деб ёлворди. Дурадгор Масиҳ ёлворади. Инсон Масиҳ эса қоронғуликка қараб сўрайди: «Бошқа йўли йўқмикан?»
У савол беришдан олдин жавобини билганмикан? Унинг инсоний қалби самовий Отаси бошқа йўлни топишига умид қилганмикан? Буни билмаймиз. Аммо У Ўзини бундан халос қилишни сўраганини биламиз. Агар шундай имкон бўлганда, У чап бериб кетиши мумкин бўлган дақиқалар бўлганини биламиз.
Аммо у бундай қила олмасди.
Бундай қила олмасди, чунки бизни Ўзининг қаршисида кўрган. Бу адолатсиз гуноҳкор дунёнинг марказида У бизни кўрган. Ўзингиз илтимос қилмаган ҳаёт дарёсига ташланганингизни У кўрган. У сизни яқин ва энг севимли одамлари хиёнат қилган ҳолда кўрган. У сизнинг азоб чекаётган танангизни ва заифлашаётган юрагингизни кўрган.
У сизни қинғир-қийшиқ дарахтлари бор боғда ва ўша боғда ухлаётган дўстларингиз билан кўрган. У сизни ўз муваффақиятсизликлари уммонига, ўз қабрининг очиқ оғзига қараб турганингизни кўрган.
У сизни ўзингизнинг Гетсимания боғингизда кўрган ва У сизнинг у ерда бир ўзингиз қолишингизни истамаган.
У ҳам ўша ерда эканини сиз билишингизни истаган. Ҳамма сенга қарши турганда, нима бўлишини билган. Саросимага тушиб қолиш қандай бўлишини У билган. Қарама-қарши туйғулар комида қолиш қандай бўлишини У билган. Иблиснинг қўланса нафасини ҳис қилиш қандай бўлишини У билган. Эҳтимол, У Худодан, фикрини ўзгартиришни сўраган ва бунга жавобан юмшоқ, аммо қатъий «Йўқ!» деган жавобни эшитиш қандай бўлишини ҳаммадан яхши билган.
Чунки Худо Исога айнан шундай жавоб берган. Масиҳ шу жавобни қабул қилган. Ярим тунда мурувват фариштаси учиб келиб, боғда азоб чекаётган Инсон танаси тепасида турди. Инсон ўрнидан турганда, унинг кўзларида энди азоб-уқубат йўқ эди. Унинг бармоқлари энди мушт қилиб тугилмаган эди. Унинг қалби энд курашмасди.
Жанг мағлубият билан тугаган эди. Балки сиз, Гўлгутада ғалабага эришилган, деб ўйларсиз. Аммо ундай эмас. Эҳтимол, сиз, бўш қабр ғалаба белгиси бўлиб хизмат қилди, деб ўйлагандирсиз. Аммо бу ҳам тўғри эмас. Масиҳ хотиржам ва Ўзига ишонган ҳолда Гетсиманиядаги зайтун дарахтлари тагига келиб турганда эришилган эди.
Айни шу боғда У қарор қабул қилди. У сизсиз жаннатга киргунча, яхшиси, биз билан жаҳаннамга киради.
ЖУМА
22-боб
Ҳамма сизга қарши бўлганда
«Туринглар, кетайлик. Ана, Менга хиёнат қилувчи келяпти!»[140] Бу сўзлар Яҳудога қаратилган эди. Бу сўзлар бошқа ҳар қандай одамга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бу сўзларни Юҳанно, Бутрус, Тўма, Идрис, Натанил ҳақида ҳам айтса бўларди. Бу сўзларни Рим аскарлари ҳақида ҳам, яҳудийлар йўлбошчилари ҳақида ҳам айтса бўларди. Бу сўзлар Пилатга, Ҳиродга ёки Каяфага ҳам тааллуқли деса бўларди. Бу сўзларни ўтган якшанбада мақтаган, ҳозир эса бир Ўзини қолдириб кетган ҳар бир одам ҳақида айтса бўларди.
Ўша тунда ҳамма Масиҳга қарши бўлди. Ҳамма — Яҳудо. Нима сабабдан сен шундай қилдинг? Нега бундай қилдинг? Сен Уни иғво қилмоқчи бўлдингми? Сен бу ишни пул учун қилдингми? Эҳтимол, сен ҳамманинг эътиборини тортмоқчи бўлгандирсан? Нега, нега Яҳудо? Нега сен Унга ўпич билан хиёнта қилишинг керак бўлди? Сен Уни бармоғинг билан кўрсатишинг ёки отини айтишинг мумкин эди-ку! Аммо сен Унинг ёноқларига лабингни текизиб ўпдинг. Илонлар ҳам лаблари билан ўлдиради. Халқ ҳам қарши эди. Оломон Масиҳга қарши турди. Эҳтимол, у ерда Ким тургани, бу томошабинлар ким экани бизга қизиқдир. Маттия, у ерда оломон турганди, деб ёзган эди, холос. Сиз билан бизга ўхшаган оддий одамлар, ҳар доим ҳам кунини зўрға кўрадиган, болаларини оёққа қўйиши керак бўлган, эрталабки ишига шошиладиган оддий одамлар. Уларнинг ҳар биттаси Исога алоҳида-алоҳида қарши эмас эди. Аммо улар оломон бўлиб Масиҳни ўлдирмоқчи бўлишди. Ҳатто хизматкорнинг кесилган қулоғини У қайтариб жойига қўйиб даволагани ҳам уларга таъсир қилмади. Улар оломонга хос кўрлик касали билан хасталанган эдилар. Улар бир-бирларига Масиҳни кўришларига йўл бермасдилар. Шогирдлари ҳам Унга қарши эди. Шунда барча шогирдлари Уни ташлаб, қочиб кетишди»[141]. Бундай деб ёзиш Матто учун қийин бўлгандир, У ҳам бошқалар қатори ўша ерда бўлган. Исо уларга, ҳаммангиз Мени ташлаб кетсизлар, деб айтди. Аммо шогирдлар, ҳеч бундай бўлмайди, деб қасам ичдилар. Лекин шундай бўлди. Ўз ҳаётларини сақлаб қолиш ва дўстга содиқликни танлаш керак бўлганда, улар биринчисини танладилар. Шогирдлар қочиб қутулишга қарор қилдилар. Албатта, улар буни дарров қилишмади. Улар бирпас ўша ерда туришди. Бутрус ҳатто қиличини суғуриб, душманнинг бошини чопиб ташламоқчи бўлди, аммо фақат қулоғини чопиб ташлади, холос. Улар қанчалик тезлик билан Масиҳни ташлаб кетган бўлсалар, Улардаги мардона руҳ шундай зудлик билан уларни тарк этди. Улар Масиҳнинг ёнида қолиш хавфли эканини кўриб, қочиб кетишди. Яҳудий руҳонийлари ҳам Масиҳга қарши — бу қайғули бўлса-да, ажабланадиган жойи йўқ: чунки улар халқнинг руҳий йўлбошчилари эди-да. Улар халқни эзгулик йўлида бошқаришлари керак эди. Болаларга уларни намуна қилиб кўрсатардилар. Қавмбошилар ва воизлар. «Олийруҳонийлар ва барча Олий Кенгаш Исони ўлимга ҳукм қилиш учун Унга қарши сохта далиллар излардилар»[142]. Уларнинг юраклари адолатсизликдан қорайган, юзлари ҳасаддан кўкарган, бу манзаранинг ранги эса қип-қизил эди, худди ўзлари тўкмоқчи бўлган бегуноҳ қон каби. Суратнинг бурчагида Бутрусни кўрамиз. Худди шундай — у ростдан ҳам бурчакка қамалган, ўз сўзларининг қопқонига тушган. Бутрус айнан, қилмайман, деб ваъда берган нарсасини қилди. Бундан бир неча соат илгари у зўр бериб қасам ичган эди: «Ҳамма Сизга бўлган эътиқодида иккиланиши мумкин, аммо мен иккиланмайман». Энди бу сўзларни қайтариб бўлмайди. Шунинг учун Бутрус қийналяпти.
Ҳамма Исога қарши бўлди.
Айнан Яҳудо Исони ўпиб, Уни кўрсатган бўлса-да, Унга ҳамма хиёнат қилди. Ҳамма нимадир қилди, аммо ҳеч ким Уни ҳимоя қилмади. Масиҳ Гетсимания боғидан чиққанда, бир Ўзи ёлғиз эди. Бутун дунё Унга қарши эди. Унга хиёнат қилган эдилар.
Хиёнат. Луғатда бу сўзни «содиқлик» сўзидан бир неча мисра ажратиб туради. Ҳаётда эса улар ўртасида жарлик турибди. Сиз севган одамлар Сизга хиёнат қилишлари мумкин. Душманлар бу қуролдан фойдалана олмайдилар, фақат дўст хиёнат қилиши мумкин. Хиёнат — бу орқадан келиб зарба бериш, алданган ишонч, хиёнат — бу сизга отишдан олдин кимдир қўлтиғининг тагида тутган тош.
Эҳ, агар ўша кимдир бегона бўлганда эди! Агар бунинг ҳаммаси тасодиф, вазиятнинг ноўринлиги бўлганда эди. Аммо бундай эмас, зарбани сизга дўстингиз берди.
Ёноғингизга теккан қумқоғоз ўпичи. Ҳақиқатда ҳеч ким бажармоқчи бўлмаган ваъда. Сиз умид билан дўстларингизга қарайсиз. Улар эса ерга қарайдилар. Сиз атрофдагилардан адолат қидирасиз. Улар эса аллақачон сизни ҳамма балога тўғаноқ қилиб қўйишди.
Сиз сотилгансиз, илон ўпичи билан чақилгансиз. Бу рад қилингандан ёмонроқ. Рад қилиш сизни хафа қилади, холос. Хоинлик эса очиқ ярага туз сепади.
Бу ёлғизликдан ёмонроқ, Ёлғиз бўлсангиз, соз совукда қоласиз, холос. Хоинлик эса бурнингиз тагида эшикни ёпади.
Бу мазах қилинишдан ёмонроқ. Мазах сизнинг танангизга пичоқ суқади, хоинлик эса уни ичкарига айлантиради.
Бу ҳақоратдан ҳам ёмонроқ. Ҳақорат сизнинг ғурурингизни яралайди, хоинлик эса сизни бахтсиз қилади.
Мен хоинлик ҳақида сўз юритганимда кўз ўнгимда бунинг қурбонлари туради. Кеча мен бир аёлдан хат олдим, хатда у исмини ёзмаган эди. У шундай деб ёзарди: «Эрим ҳозиргина, сенга икки йилдан буён хиёнат қилиб келаман, деб айтди. Ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиляпман». Жамғариб қўйган ҳамма пулларини гиёҳванд ўғли ўғирлаб кетган кампир.
Мана, бир дўстим воқеаси: унга бошқа шаҳардан иш ваъда қилишади. У бор бисотини ташлаб, оиласини олиб ўша шаҳарга кўчиб кетади. Аммо унга ваъда қилинган ишни беришмайди. Эри ҳар гал болаларини дам олиш кунлари олиб кетиш учун кирганда, жазмани билан келадиган ёлғиз она. ОИТС билан касалланган етти ёшли қизалоқ. «Мен онамдан нафратланаман», деб ёзади у.
Хоинлик — бутун дунё сизга қарши бўлади дегани. Хоинлик — севги яшаши керак бўлган жойдан аламзадалик жой олган вақт.
Хоинликка сиз қандай қарайсиз? Қочиб кетишга уринасизми? Ғазабланасизми? Ахир, сиз қараб тура олмайсиз-ку! Масиҳ Ўзига хоинлик қилганларида нима қилди?
Масиҳ Яҳудони кўрганда, унга: «Дўстим, бу ерга нима учун келдинг?»[143] деди.
Яҳудони ҳар қандай ном билан атаса бўларди, аммо дўстим деб эмас. Унинг Масиҳга қилган иши жуда адолатсиз бўлди. Ҳеч нарса Масиҳнинг Яҳудони хафа қилганини ёки камситганини кўрсатмайди. Яҳудо Устознинг эътиборидан четда эмас эди. Яширин ибодат пайтида Масиҳ шогирдларига, хоин биз билан бирга, дейди. Аммо ҳеч ким бир-бирининг қулоғига: «Бу — Яҳудо, Исо, бу ишни Яҳудо қилади, деб айтди», деб пичирлашмади.
Улар бу ҳақда пичирлашмади. Чунки Исо бундай демаганди. Яҳудо нима қилмоқчи эканини У биларди. Аммо Яҳудога нисбатан У Ўзини яқин дўстдай тутди.
Масиҳни сотиш фикри Яҳудонинг ўзига алоқадор бўлгани учун ҳам бундай муносабат жуда катта ноҳақликдир. Яҳудийларнинг диний раҳнамолари уни ахтармадилар, кўндиришга ҳаракат қилмадилар — аксинча, Масиҳнинг Ўзи уларнинг олдига келди. «Агар Уни тутиб берсам, эвазига нима берасизлар?»[144] деб сўради Яҳудо улардан. Агар Яҳудога пул ваъда қилганларида, уни бирон нарса билан сотиб олишга ҳаракат қилганларида, унинг хоинлигини тушунса бўларди. Аммо аксинча, бундай бўлмади — Яҳудонинг ўзи келиб, келишувни таклиф қилди.
Масиҳни У қандай сотгани-чи? Биз яна шу саволга дуч келамиз: нега айнан ўпич?[145]
Нима сабабдан Яҳудо Исога худди устозидай мурожаат қилди?[146] Бу сўз билан ҳурмат қиладиган одамларига мурожаат қилишади. Яҳудонинг сўзлари билан ишлари бир-бирига мос эмас. Мен уни дўст деб айтмаган бўлардим. Аммо Масиҳ уни «дўстим» деб айтди. Нима учун? Чунки Масиҳ биз кўра олмайдиган нарсани кўрди.
Битта одам бир қанча вақт хотиним билан менга кўп ташвиш етказди. У хоҳласа, бизни тунда ҳам уйғота оларди. У жуда талабчан ва шафқатсиз эди. У атрофдагиларнинг диққатини жалб қилиш учун қаттиқ бақириб, сўка олар эди. Унга бирон нарса керак бўлганда, ўша зоҳоти ўша нарсага эришишни истарди. Шундай бўлса-да, биз ҳеч қачон унга, бизни тинч қўй, деб айтмадик. Биз уни ҳеч қачон бировнинг олдига юбормадик. Қилганига яраша жавоб қайтаришга ҳаракат қилмадик. Ахир, унинг ёши бир неча ойлик эди, холос. Қизимизнинг бу хулқини кечириш биз учун осон эди. У нима қилаётганини тушунмаслигини биз билардик.
Албатта, бегуноҳ бола билан онгли равишда иш қилаётган Яҳудонинг ўртасида катта фарқ бор. Аммо қизим ҳақида гапирар эканман, инсон хулқини фақат сабабларни билгандагина тушуниш мумкинлигини кўрсатмоқчи эдим.
Яҳудо ўзини йўлдан урга кучли душман таъсири остида эканлигини Масиҳ биларди. Иблиснинг гаплари нақадар жозибали эканлиги ҳам Исога маълум эди. (Ахир, Масиҳ ҳам иблиснинг гапларини эшитган эди-да.) Яҳудо қандай қийин танлов олдида қолганини ҳам У биларди.
Масиҳ Яҳудонинг қилган ишини оқламасди, буни муҳим эмас деб ҳам ҳисобламасди. Аммо У Яҳудони танлаш имкониятидан ҳам маҳрум қилмади. У фақат Ўзини сотган хоиннинг кўзларига қаради ва уни тушунишга ҳаракат қилди.
Сиз душманингиздан нафратланар экансиз, зиндон эшиги ёпиқ қолади, асир ҳибсда қолаверади. Аммо сиз тушунишга ҳаракат қилиб, шу билан душманингизни нафратдан халос қилсангиз, шунда асир озодликка чиқади. Бу асир — ўзингизсиз. Эҳтимол, сизга бу ғоя ёқмас. Балки, кечириш ҳақидаги фикрнинг ўзи сизга ғалати туюлар. Эҳтимол, бизнинг ҳаётимизда учрайдиган Яҳудоларни тушунишга ҳаракат қилиш сизга жуда катта мурувват бўлиб туюлар. Унда мен сизга бир савол бераман: сиз нима қилмоқчисиз? Агар сиз юрагингизда ғазабни сақлаб қолсангиз, яхши бўладими? Қасос сизнинг қалбингиздаги оғриқларни енгиллаштирадими? Агар сиз нафратланаверсангиз, сизга осон бўладими? Мен сизнинг аламларингизни назарга илмай, шу аламни сизга етказганларни оқламоқчи эмасман. Мен бир нарсани тушунишингизни истайман: мангуликнинг бу томонида ҳеч қачон адолат бўлмайди. Агар сиз душманингиз қилмишларига яраша жазо олишини хоҳласангиз, бундан фақат ўзингиз кўпроқ жабр кўрасиз, холос.
Мен сизга бир нарса ҳақида эслатиб қўймоқчиман. Сиз, албатта, бу ҳақда биласиз, балки унутган бўлишингиз мумкин. Ҳаёт -адолатсиз. Бу — тушкунлик эмас, бор-йўғи ҳақиқатдир. Бу арз-дод ҳам эмас, аммо бизнинг дунёмизда бор гап шу. Менга бу ёқмайди, аниқ биламанки, сизга ҳам ёқмайди. Ҳаммамиз адолат билан ҳаёт кечиришни истаймиз. Қўшни болага велосипед совға қилиб, бизга қилмаганларидан буён биз фақат битта гапни такрорлаймиз: «Бу адолатдан эмас!»
Қайсидир дақиқаларда кимдир бизга: «Қулоқ сол, ким сенга ҳаётда ҳамма нарса адолатли бўлади, деб айтди?» дейиши зарур бўлади. Раббий сизга бундай демаган. У: «Агар сиз ҳаётда қайғуга дуч келсангиз…» демаган. У: «Дунёда қайғуга дуч келасиз»[147], деган. Азоб-уқубатлар ҳаётнинг ажралмас қисмидир. Хиёнат — муқаррар ғам-аламларнинг сабабларидан биридир. Агар хиёнатга дуч келсангиз, ажабланманг. Адолатни бу ердан ахтарманг. Яхшиси, Исо ўша дақиқаларда қараган томонга қаранг. У эса келажакка қаради. Унинг сўзларини ўқинг: «Шу дақиқалардан бошлаб келаётган… Инсон Ўғлига қаранг…» Масиҳ дўзахда эди. Аммо Унинг кўзлари осмонларга тикилганди. Уни душманлар қуршаб олганди. Аммо Унинг диққат-эътибори отасига қаратилганди. Уни ер юзидаги ҳамма ташлаб кетганди. Аммо Унинг қалби Осмондаги уйга қаратилганди: «Аммо сизларга айтаманки, ҳозирдан бошлаб сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирган ва осмондаги булутлар устида келаётган ҳолда кўрасизлар»[148].
Бир куни тоғ чанғиси бўйича учиш инструкторим менга шундай деди: «Сизда бу ишга қобилият бор, сиз ўз чанғингиздан кўз узмасликни бас қилмас экансиз, учишни ўргана олмайсиз». Мен унга, уларга қарамаслигим қийин, чунки чанғилар турли томонга ажралиб кетади, мен хоҳлаган томонга эмас, бошқа томонга кетишади, деб айтдим.
— Хўш, нима бўпти, агар сиз чанғиларингизга қарасангиз, бу сизнинг яхшироқ учишингизга ёрдам берадими? — сўради инструктор.
— Ёрдам бермаса керак, — тан олдим мен, — илгаригидай йиқиляпман.
Шунда инструктор уфқ чизиғи ёнидаги ажойиб тоғ чўққиларига имо қилди:
— Ана у ёққа қарашга ҳаракат қилинг. Агар сиз доимо ўша ёққа қарасангиз, бу сизга мувозанатингизни сақлашга ёрдам беради.
У ҳақ бўлиб чиқди. Бу чиндан ҳам ёрдам берди. Мувозанатни сақлашнинг энг яхши усули — уфқ чизиғига эътибор қаратишдир. Масиҳ ҳам худди шундай қилган. «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. …Энди Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас»[149].
Биз Бразилияда Рио-де-Жанейрода яшаганимизда, мен уйни соғиниш нима эканини билдим. Бизга Бразилия ёқарди. Атрофимизда биз билан илиқ муносабатда бўладиган одамлар бор эди. Аммо бу барибир бегона мамлакат эди. Менинг идорам шаҳарнинг марказида — Америка элчихонасидан бир неча квартал узоқда жойлашган эди. Вақти-вақти билан тушлик пайтида мен тушлигимни олиб, элчихонага тушлик қилишга жўнардим. Бу пайтда мен бир неча дақиқага уйимга боргандай ҳис қилардим ўзимни! Мен катта эшикдан кирибоқ, қоровуллар билан инглиз тилида саломлашардим. Мен залга кириб Америка газетасини олардим ва боксчилар жанглари ҳисобларини, футбол ўйинлари натижаларини кўриб чиқардим. Мен комиксларни ўқиб кулардим, ҳатто хусусий эълонларгача ўқирдим. Ватаним ҳақидаги фикрлар менга ёқарди.
Кейин ўрнимдан туриб, асосий коридорни айланардим, Линкольн, Жифферсон, Вашингтонларнинг портретларини томоша қилардим. Баъзида мен у ердаги ходимларнинг биронтаси билан суҳбатлашардим, Америкада юз бераётган сўнгги воқеаларни жон қулоғим билан тинглардим.
Элчихона бегона мамлакатдаги она юртимнинг бир қисми эди. Агар сиз баъзида уйда бўла олсангиз, бегона юртларда яшаш осонроқ бўлади.
Масиҳ уйи томонга узоқ қараб турди, бу ердан дўстларини кўриши мумкин эди: «Агар Мен Отамдан илтимос қилсам, У ўн икки туман фаришталарини юборган бўларди»[150]. Фаришталарни У осмонда кўриб, ер юзида янги куч олди.
Унинг дўстлари — сизнинг ҳам дўстларингиз. Ота Исога қанчалар содиқ бўлса, У сизга ҳам шунчалар содиқдир. Сизга хоинлик қилганларини сезганингизда, шуни эсингиздан чиқарманг. Машъалаларнинг алангасини кўрганингизда, ёноғингизда хоин ўпичини ҳис қилганингизда, Унинг сўзларини эсланг: «Сени ташлаб кетмайман, Сени ҳеч қачон тарк этмайман». Бутун дунё — сизга қарши бўлганда, осмонлар сиз томон бўлади. Бу қийшиқ, гуноҳдан бузилган дунёда мувозанатингизни сақлаш учун тоғ чўққиларига қаранг. У ҳақда ўйланг.
23-боб
Сизнинг танловингиз
Тарихдаги энгг машҳур суд жараёнининг бошланишига бир неча дақиқа қолди. Ҳакам — келиб чиқиши аслзодалардан экани кўриниб турарди. У паст бўйли, нигоҳлари ўткир ва кийимлари қимматли эди. Оқ оралаётган сочлари калта қирқилган, соқоли тозалаб олинганди. У хаёлга берилган, айни пайтда асабийлашяпти. Қарор қабул қилишга уни мажбурлашяпти — бундан у бош торта олмайди. Кенг қалъа тонг қуёши нурларига бурканган, у тош плиталар ётқизилган зинадан ҳовлига тушяпти, ёнида икки аскар.
Калта камзул кийган суриялик аскарлар уни кўриб, ростланиб, тик туришади, найзаларини маҳкамроқ ушлаб тўғрига қарашади. Аскарлар тош ётқизилган текис полда суд бошланишини кутиб, плиталарга разм солиб туришибди. Прокуратор ҳузурида эса улар ўйинларини давом қилдиришга журъат эта олмайдилар.
Тилла суви юрғизилган ўриндиқ беш зинали баландликка ўрнатилган. Ҳакам у ерда чиқиб ўрнини эгаллайди. Айбдорни олиб киришади. Уни ҳакамнинг рўпарасига турғазиб қўйишади. Ундан кейин руҳонийлар ва дин йўлбошчиларидан иборат гуруҳ кириб келади. Улар девор ёнида саф тортиб туришади. Пилат рўпарасида турган одамга қараб:
— Масиҳга унча ўхшамайди, — деб ғудранди.
Шишиб кетган кир оёқлар. Қуёшда қорайган, қадоқ қўллар. У муаллимдан кўра кўпроқ ҳунармандга ўхшайди. У бузғунчи, қўзғолончи эканига ҳеч ким ишонмайди. Унинг бир кўзи умуман очилмайди, кўз ўрнида катта қорайган мўматалоқ жой. Иккинчи кўзи ерга қараган. Пастки лаби ёрилиб, қон қотиб қолган. Сочлари ҳам қон, пешонасига ёпишиб қолган, қўл-оёқларида дарра излари.
— Кийимини ечсинми? — сўради аскарлардан бири.
— Йўқ, керак эмас.
Шундай ҳам бу одам роса савалангани кўриниб турибди.
Прокуратор ҳузурига бу одамни, ҳузуримга олиб келинглар, деб талаб ҳам қилмаган эди. Ўз тажрибасидан маълум — у яҳудийлар ўртасидаги баҳс-мунозараларга аралашишни истамайди, айниқса, бу мунозаралар эътиқодга алоқадор бўлса. Аммо шуни эътироф этиш керакки, бу Масиҳ халқ орасидаги жуда кўп ғалаёнларга сабаб бўлган.
— Бу одам халқни қўзғолон кўтаришга чорлайди, дейишяптими? — сўради Пилат баланд овозда ён-атрофидаги аскарлардан.
Бу гапи билан у аскарлар ўзларини бир оз эркин тутиб, жилмайишларига ва пайдо бўлган сукунатни бузишга сўзсиз рухсат беради. Улар ҳам прокураторни тўғри тушуниб, илжайишади. Пилат жойидан қўзғалиб, деворга суяниб олади. Агар рўпарасида турган одамга қўйилган айблар бўлмаганда эди, Пилат бу ишга қўл силтаб қўя қолган бўларди. Аммо қораловчиларнинг гапларида «қўзғолон», «солиқлар», «хоқон» деган сўзлар бор эди. Шунинг учун у бу ишни кўришда давом этяпти.
— Сен яҳудийлар шоҳимисан?
Исо биринчи марта кўзларини кўтарди. У бошини эмас, фақат кўзларини кўтарди. У прокураторга ер остидан қаради. Пилат Исонинг жавобидан ва унинг сўз оҳангидан ҳайрон бўлди.
— Буни ўзинг айтдинг.
Пилат жавоб беришга ҳам улгурмай, девор томонда турган яҳудийлар йўлбошчилари орасидан овозлар эшитилди:
— Кўряпсизми, умуман иззат-ҳурматни билмайди!
— У халқни қўзғолонга ундаяпти!
— У ўзини шоҳ деб атаяпти!
Пилат уларнинг гапига қулоқ солмайди. «Буни ўзинг айтдинг».
На ўзини оқлашга уриниш, на тушунтириш, на ваҳима. Жалилалик яна кўзларини ерга қадайди.
Бу тўпори устознинг нимасидир Пилатга ёқарди. У девор ёнида йиғилишиб турган яҳудийларга сира ҳам ўхшамайди. Ўзларининг қудратли Худоси билан мақтаниб, бир дақиқа ўтар-ўтмас солиқларни камайтиришни сўраб ялиниб -ёлворадиган бу узун соқолли яҳудий йўлбошчиларига бу одам ҳеч ҳам ўхшамайди. Унинг нигоҳи — Пилат ҳимоя қилиши керак бўлган Рим империясида ва тинчликка доимо таҳдид солиб турадиган зилотларнинг ғазабли нигоҳларидан ҳам фарқ қилади. Чет вилоятда туғилган бу Масиҳ бошқаларга ҳеч ўхшамайди. Пилат Унга қараб тураркан, хотирасида ўзи эшитган воқеалар гавдалана бошлади.
«Энди тушуняпман», деб ғудурлади у зинадан тушиб айвонга йўл оларкан. У чамбарак тўсиқ ёнига келиб, суянди. Каптарлар ундан ҳуркиб, қанот қоқиб ҳавога кўтарилди ва кўчага қўнди.
Пилат эшитганлари ҳақида ўйлайди. Байтлаҳмлик бир одам ҳақида ғалати воқеа. «У ўлди ва уч… йўқ, тўрт кун қабрда ётди. Демак, мурдани чақириб, тирилтирган шу раввин ҳақида гапиришган экан-да. У чақирганда, мурда тирилиб қабрдан чиқиб келибди. Кейин Байтсайдадаги катта оломон. У ерда минглаб одамлар бор эди… Ҳа, бу ҳақда Ҳирод саройидан кимдир гапирганди. Улар шу одамни шоҳ қилиб кўтармоқчи бўлганлар. Ҳа-ҳа, албатта, у ўша оломоннинг қорини тўйғазган».
Пилат айвондан қараб, кўчада ўйнаётган болаларни кўрди. Баъзи болалар югуриб келиб, соқчига нималардир деяптилар. Албатта, улар садақа сўраяптилар. Бу¸болаларнинг кўринишлари унча яхши эмас, ниҳоятда озғин. Сочлари патак бўлиб кетган, балки бит босиб кетгандир. Соқчиларнинг болалар билан гаплашаётганлари Пилатни бир оз хавотирга соляпти, иккинчидан, бу болаларга ёрдам бериш учун соқчи бирон нарса қилмаётгани ҳам ташвишлантиряпти. У яна бир нарсадан хавотирда — нима учун болалар касал бўлишлари керак? Аммо улар касал бўлаверадилар. Худди Римдаги каби, Қуддусда ҳам касал бўлаверадилар.
У ўгирилиб, яна оёқларининг учига боқиб турган одамга қарайди. «Ҳа, бизга шоҳ ортиқчалик қилмасди, — хўрсинди у, — бу вазиятни ўзгартира оладиган ва тузатадиган шоҳ бўлганда, яхши бўларди».
Бир вақтлар Пилат, бу ўлкада тартиб ўрнатаман, деб ўйлаган эди. У қатъий ишонч билан Қуддусга келди. Ўрта ер денгизнинг шимол томонида яхши бўлган нарса шарқида ҳам яхши бўлади. Аммо бу анча илгари эди. Бу бошқа Пилат эди. Қора — қора, оқ — оқ бўлган пайтлар эди. Унинг соғлиғи мустаҳкам, орзулари эса ўсмиларники сингари содда бўлган пайтлар эди. Бу — сиёсат деб аталган нарса билан танишишдан илгари бўлган эди. У ерда салгина ютиб чиқиш учун бу ерда озгина ён босиш керак. Тақдирга тан бериш ва ён босиш. Солиқларни ошириш, талабларни сал пасайтириш. Ҳа, энди ҳаммаси бошқача кўриняпти.
Рим билан олийжаноб орзулар энди бир хилда туюладилар. Балки айнан шунинг учун уни бу раввин қизиқтириб қолгандир. Бу одамнинг нимасидир Пилатнинг бу ерга келганини ёки у илгари қандай одам бўлганини Пилатга эслатиб туради. «Улар мени ҳам роса азоблашди, дўстим, ҳа, ҳа, мен ҳам улардан жуда азоб чекканман».
Пилат ўриндиғи қаршисида бурчакда йиғилиб турган яҳудийлар йўлбошчиларига қараб турибди. Уларнинг қатъият билан турганлари Пилатнинг сабр косасини тўлдиряпти. Уларга азоб беришнинг ўзи етарли эмас, уларга калака қилиш камдай. «Ҳасадгўйлар, — демоқчи бўлади у яҳудийларга қараб, аммо ўзини босади. — Ҳасадгўй вайсақилар, жоҳиллар, нодонлар! Сизлар ўз пайғамбарларингизни ўлдиряпсиз».
Пилат Исони озод қилиб юборишни истайди. «Менга биргина сабаб топиб бер, — ўйлади у бир оз овозини чиқариб. — Менга сабаб топиб бер, мен сени озод қилиб юборай».
Кимнингдир қўли Пилатнинг елкасига тегиб, унинг хаёлларини бузиб юборди. Бу хабарчи эди. У Пилатнинг қулоғига эгилиб пичирлайди. Ғалати. Пилатнинг хотини, бу ишга қўшилма, деб илтимос қилибди. Хотини аллақандай туш кўрганмиш.
Пилат жойига қайтиб келиб ўтиради ва Исони кўздан кечира бошлади. «Ҳатто худолар ҳам сен томондами?» деб сўрайди Пилат. Нега бундай деб сўраганини тушунтирмайди.
У илгари ҳам бу кумушранг, йўғон оёқли ўйиб ишланган ўриндиқда ўтирган. Қарорлар қабул қилинганда шу ўриндиқда ўтиради. Пилат қаерда бу ўриндиққа ўтирмасин — бинонинг ичидами ёки кўчадами — бу жой суд залига айланарди. Бу ўриндиққа ўтириб у қарорлар қабул қилади ва эълон қилади.
Бу ўриндиққа у неча марта ўтирди экан? У қанча воқеаларни кўрди! Неча одамларнинг илтимосини эшитди! Неча кўз шафқат ва мурувват тилаб унга тикилган экан!
Аммо Насроликнинг кўзлари хотиржам, сукут сақларди. Бу кўзлар шафқат сўрамаяптилар, ғазабланмаяптилар. Пилат бу кўзлардан хавотирлик ва ғазаб аломатларини ахтаряпти. Аммо на унисини, на бунисини топяпти. Лекин Пилат унинг кўзларида кўрган нарсадан қаддини ростлайди, худди қулай вазиятни топишга уринаётгандай ўриндиқда типирчилашга мажбур қилади.
«У мендан ғазабланмаяпти. У қўрқмаётганга ўхшайди. У тушуняпти».
Пилат ҳақ эди. Исо қўрқмаяпти. У ғазабланмаяпти, ваҳима қилмаяпти, чунки бўлиб ўтаётган воқеалар уни ҳайратга солмаяпти. Масиҳ ўз вақтини биларди ва ўша вақт етиб келганди. Пилатнинг қизиқувчанлигини тушунса бўлади. Агар Исо йўлбошчи бўлса, издошлари қани? Агар у Масиҳ бўлса, у нима қилмоқчи? Агар у устоз бўлса, мана бу дин раҳнамолари нега ундай шунчалик ғазабланяптилар? Шунингдек, Пилатнинг: «Масиҳ деб аталган Исони нима қилай?»[151] деган саволи ҳам ўринли.
Эҳтимол, Пилат сингари, сизга ҳам Масиҳ деб аталган Инсон ҳақида билиш қизиқдир? Худди Пилат сингари, сизни ҳам Унинг гаплари ўйлантириб қўйгандир? У тортган азоблар таъсир қилгандир? Албатта, сиз мана бу воқеани эшитгансиз: «Раббий осмондан тушган ва бу ҳақиқатни дунёга билдириш учун одам танасида туғилишга журъат этган. Сиз ҳам Пилатга ўхшаб бошқаларнинг У ҳақдаги гапларини эшитгандирсиз. Эни эса Унинг Ўзи нима дейишини тингламоқчисиз».
Ўзини Раббий дейдиган, аммо эътиқодни ёмон кўрадиган Одамга сиз қандай муносабатда бўласиз? Ўзини Нажоткор деб атайдиган, шу билан бирга, нажотнинг расмий тан олинган йўлларини қоралайдиган Одамга сиз қандай муносабатда бўласиз? Ўлими вақтини ва жойини биладиган, аммо барибир ўша жойга борадиган Одамга сиз қандай муносабатда бўласиз?
Пилатнинг саволи — бу сизнинг ҳам саволингиз. «Исо деган мана бу одамни нима қилай?» Сиз танлов олдида турибсиз — икковидан бири. Сиз Уни рад қилишингиз мумкин. Сизда шундай имконият бор. Сизгача кўп одамлар қилганларидай, сиз ҳам ўйлашингиз мумкин: Раббий дурадгор бўлгани ҳақидаги фикр бемаъниликдир, деб юз ўгириб кетишингиз мумкин. Ёки сиз Унга эътиқод қилишингиз мумкин. Сиз У билан ёнма-ён яшашингиз мумкин. Сизга мурожаат қилган юзлаб бошқа овозлар орасидан Унинг овозини эшитишингиз ва Унинг кетидан юришингиз мумкин.
Пилат ҳам шундай қарорга келиши мумкин эди. Ўша куни у кўп овозларни эшитди, уларнинг овозлари орасидан Масиҳнинг овозини ҳам эшитган бўларди. Бутун аъзойи бадани мўматалоқ бўлиб кетган Масиҳнинг овозини Пилат эшитишга ва Унга ишонишга қарор қилганда эди, Пилатнинг ҳаёти умуман бошқача бўлган бўларди.
Унинг саволига эътибор беринг: «Яҳудия шоҳи сенмисан?» Агар биз ўша куни у ерда бўлганимизда эди, у ўша сўзларни қандай оҳанг билан айтганини билган бўлардик. Бу сўзларда калака қилиш оҳанги бўлганмикан? (Сен ҳали шоҳ бўлиб қолдингми?) Ёки қизиқувчанлик бўлганмикан? (Сен кимсан?) Самимийликмикан? (Сен ҳақиқатан ўзинг айтаётган одаммисан?)
Пилат нега Масиҳга бундай савол берди экан, деб сўрашимиз мумкин. Масиҳ бу ҳақда прокуратордан сўради: «Бу гап Ўзингдан чиқдими, ёки бошқалар сенга Мен тўғримда айтишдими?»[152] Пилат нега бундай савол берди, деб Масиҳ билмоқчи бўлади. Агар Пилат: «Мен Сендан бу ҳақда сўраяпман. Мен билишни истайман: ҳақиқатдан билишни истайман: Сен чиндан ҳам Шоҳмисан?» деб сўраганда нима бўларди?
Агар Пилат шундай деб сўраганда, Исо жавоб берган бўларди; Агар Пилат сўраганда, Исо уни холи қўйган бўларди. Аммо Пилат буни билишни хоҳламади. У Исога орқасини ўгирди ва елкаси оша: «Мен яҳудий эмасман», деди. Пилат сўрамади, шунинг учун ҳам Исо унга айтмади.
Пилат иккиланяпти. У бир пайтнинг ўзида иккита одам чақираётган кучук боласига ўхшайди. У биттаси томонга бир қадам қўяди, тўхтайди, иккинчисига ўгирилади ва энди у томонга қадам қўяди. У тўрт марта Исони озод қилмоқчи бўлади, тўрт марта ҳам уни бу фикридан қайтишга мажбур қилишади. У Масиҳни озод қилмоқчи бўлади, аммо одамлар Бараббани танлашади. Пилат Асирни калтаклаш учун фармон беради, аммо одамлар Унинг хочга тортилишини талаб қилишади. Пилат, бу Одамда ҳеч қандай айб топмадим, дейди, аммо оломон, Пилат бу қилмиши билан қонунга хилоф иш қиляпти, деб айюҳаннос солади. Исо чиндан ҳам ўзи айтаётган одам бўлишидан хавфсираб, Пилат Уни яна бир марта озод қилмоқчи бўлади, аммо яҳудийлар уни хоқонга хиёнат қилишда айблашади.
Овозлар жуда кўп. Ён босадиган овоз. Фойда овози. Сиёсат овози. Виждон овози.
Масиҳнинг паст оҳангдаги, аммо қатъий овози: «…Агар сенга юқоридан берилмаганида эди, сен Менинг устимдан ҳеч қандай ҳукм юрита олмас эдинг»[153].
Жуда кўп овозлар орасидан Масиҳнинг овози аажралиб турибди. Бу овозни биронта бошқа овоз билан алмаштириб бўлмайди. У хушомад қилмайди, ялинмайди. У ҳақиқатни сўзлайди, холос. Пилат танлов заруратидан бош тортаман, деб ўйлаганди. У қўлини ювди. Тўсиқ устига чиқиб, ўша ерда ўрнашиб ўтирди.
Пилат танламасликка қарор қилган эди, айни пайтда танлади.
Худодан шафқат сўраш ўрнига, қўлини ювиш учун сув сўради. Исо қолишини сўраш ўрнига, Уни хочга михлаш учун юборди. У Масиҳнинг овозига қулоқ солиш ўрнига, халқнинг овозига қулоқ солди.
Пилатнинг хотини Масиҳга имон келтирган, деган ривоят бор. Яна бир нақл борки, Пилат ўзи учун абадий бўлган масканни тоғ кўли ёнидан топган эмиш. Ривоят қилишларича, у ҳар куни шу кўл ёнида пайдо бўлиб, авф сўраб, қўлини қайта-қайта кўл сувига тиқаркан. У қилган ёвузлигиними ёки кўрсатмаган мурувватиними — хуллас, айбини кўл сувида ювишга ҳаракат қиларкан.
24-боб
Мўъжизаларнинг энг буюги
Фисиҳ кўпинча солиқ декларацияси учун белгиланган муддат билан мос келмаслиги қизиқ. Бундай ҳолларда Фисиҳ ваъзини тайёрлаш ва солиқларни тўлаш ҳафтанинг энг муҳим иккита воқеасига айланади.
Солиқ қўмитасидан олдиндан кечирим сўраб шуни айтишим керакки, бу ишлардан бири жуда олийжаноб, иккинчиси эса ўта ерга урилган бўлиб туюлади. Ҳозиргина Гўлгўтада эдим, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ҳисоб-китоб қилишга мажбурман. Иззат-икром соатлари қолоқлик дақиқалари билан алмашади. Биттаси — Раббий бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлаб, бизни озод қилгани ҳақида ўйлашга мажбур қилса, иккинчиси — мен нималар учун тўлов тўлашим кераклиги ўйлантиради. (Шунга қарамай, бу иккала иш ҳам менга миннатдорчилик туйғуларини уйғотади: биринчиси — Раббим учун, иккинчиси — солиқ тўловларидаги имтиёзлар учун.)
Ана шундай аралаш фаолиятнинг иккинчи куни миямга бир фикр келди. Буларнинг бири иккинчиси билан қанчалар ажойиб уйғунликни ҳосил қилади. Айнан шундай кунларда Раббийнинг фидокорлиги ҳақида ўйлаш керак. Агар кундалик ҳаётимизда хоч аҳамиятга эга бўлмаса, ундай ҳолда у умуман ҳеч қандай маънога эга бўлмайди.
Мана шу — хочнинг гўзаллиги. Ҳамма нарса оддий кунда содир бўлди. Қон ва танадан иборат оддий одамлар. Исо ҳам худди шундай қон ва танадан бино бўлган.
Масиҳ қудратини намоён қила олган кунлардан Унинг ҳаётидаги сўнгги ҳафта энг мақсадга мувофиғи эди. Бир неча минг одамни бир неча нон билан тўйғазиши ёки бир неча одамларга шифо бериши Унга ажойиб шуҳрат келтирган бўларди. Яна ҳам яхшиси, фарзийларни гапира олиш қобилиятидан маҳрум қилиш — Унинг ҳаётини анча енгиллаштирган бўларди.
Қани, Исо, ҳаракат қил! Фақат Маъбадни савдогарлардан тозалаб қолмай, бутун иншоотни кўтариб, Ерихонга олиб бориб қўй! Руҳонийлар норозилик билдириб, жаврай бошлаганларида, уларнинг устига қурбақаларни ёмғир қилиб ёғдир. Охир замон ҳақида гапираётганингда, осмонни иккига бўлиб, нимани назарда тутаётганингни ҳаммага кўрсат.
Мана, мўъжизалар кўрсатиш учун энг мос ҳафта! Ҳаммага ғайриоддий бир нарса кўрсатадиган вақт етди. Ҳаммаси лол бўлиб қолсин, ҳаммаси тилини тишлашига мажбур қил, Исо!
Аммо у бундай қилмайди. На Қуддусда, на охирзамонда, на шогирдлари йиғилган хонада, на хочда.
Бу ҳафта ҳам кўп жиҳатдан бошқаларига жуда ўхшаш эди. Ҳа, албатта, байрамона ҳафта, аммо Исонинг келиши эмас, Фисиҳ байрами нишонланяпти. Халқ шаҳар кўчаларини тўлдирди. Аммо оломон Масиҳни кутиб олиш учун чиқмади.
Масиҳ кўрсатган икки мўъжиза ўзига ҳамманинг эътиборини тортмаслиги керак эди. Қуриб қолган анжир дарахти Исонинг сўзларига яхши намуна бўла олди. Аммо бу ҳақда жуда кам одамлар билишди. Гетсимания боғида кесилиб, шифо топган қулоқ мурувват белгиси эди. Аммо бу воқеа ҳам Унинг дўстлари сонини оширмади.
Масиҳ Ўз қудратини намоён қилмасди.
Бу ҳафта оддий ҳафталардан бири эди. Оддий ҳафта: сабрсиз оналар илгаригидай болаларини кийинтиришарди, оталар ишга шошилишарди. Оддий ишлар — идиш-товоқ ювиш, ҳамма ёқни супуриб-тозалашдан иборат оддий ҳафта. Табиатдаги ҳеч нарса бу ҳафтанинг ўтмишдаги ёки келажакдаги бошқа ҳафталардан фарқ қилишини кўрсатмаяпти. Қуёш шарқдан чиқиб ғарбга ботяпти. Яҳудия осмонида булутлар сузиб юрибди. Майсалар кўм-кўк, шамолда чайқалиб турибди.
Ҳали якшанба келмай туриб табиат ингранади. Қоялар ўз жойидан қўзғалади. Якшанба келмай туриб, осмон мотам либосига ўраниб қораяди. Аммо на душанба, на сешанба, на чоршанба, на пайшанба бирон шубҳа учун асос беради. Одамлардаги бирон аломат ҳам яқинлашиб келаётган воқеалардан дарак бермайди. Уларнинг кўпчилиги учун бу ҳафта яқинлашиб келаётган байрамни кутиш ҳафтаси эди. Озиқ-овқат сотиб олиш керак эди. Уларни тозалаш керак эди. Одамларнинг чеҳраларида ҳам ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди, чунки ҳеч қандай ғайри оддий воқеа кутилмаётган эди.
Шогирдлар нималарнидир билади, деб фараз қилиш мумкин, аммо улар ҳам ҳеч нарсани билмасдилар. Сиз қанча уринманг, улар сизга ҳеч нарса айтмасдилар. Улар ҳеч нарса ҳақида билмасдилар. Улар бир нарсани кўришлари мумкин эди: Унинг кўзларида қандайдир диққат-эътибор, қатъий қарор акс этганини. Аммо…шогирдларнинг биронтаси Унинг айнан нимага қарор қилганини ишонч билан айта олмасди.
Агар уларга кимдир, жума куни қуёш ботгунча сизларнинг ҳеч қандай умидларингиз қолмайди, деб айтганда, улар ўша одамга ишонмаган бўлардилар. Агар кимдир шогирдларга, пайшанба куни тунда хиёнат юз беради, сизлар юз ўгириб кетасизлар, деб айтганда, улар ўша одамнинг устидан кулган бўлардилар. «Исталган одам хиёнат қилиши мумкин, лекин биз эмас!» деб қасам ичади улар.
Улар учун бу ҳафта — жуда кўп ҳафталардан бири. Шогирдлар нималар содир бўлишини билмайдилар. Аммо энг муҳими, Масиҳ ҳам буни билдирмаяпти. Сув шаробга айланмаяпти, хўтикча гапира олиш қобилиятига эга бўлмаяпти, мурдалар қабрларида ётибди, душанба куни кўзи ожиз бўлганлар жума куни ҳам кўзи ожизлигича қоляптилар.
Бу ҳафтада осмон иккига бўлиниб, карнай овозлари эшитилишини кутиш мумкин эди. Фаришталар бутун дунё халқларини, сизлар юз бераётган воқеаларга гувоҳ бўлинглар, деган мақсадда Қуддусга йиғадилар, деб фараз қилиш мумкин. Худо Ўз Ўғлини марҳаматлаш учун осмондан тушади, деб умид қилиш мумкин эди.
Аммо У бундай қилмайди. У ғайриоддий нарсани оддий ёпинғич тагига беркитади. Келаётган ҳафта — иш, овқат қилиш, бақир-чақир қилаётган болаларни тарбиялашдан иборат ҳафтадай кўринарди.
Балки шу етти кун кўп жиҳатлари билан сизга ҳаётингизнинг бирон ҳафтасини эслатар. Шу ҳафтада ҳаётингизда ҳеч қандай эсда қоладиган воқеа юз бермаган бўлса керак. Бирон янгилик — на қувончли, на даҳшатли воқеа содир бўлмаган бўлса керак. На зилзила, на довул. Оддий ташвишларга, ҳаётий муаммоларга, касса олдида навбатга бой оддий етти кун. Қуддус аҳолиси учун ҳам бу ҳафта оддий эди. Инсоният тарихидаги буюк соат энг оддий ҳафталардан биридан кейин келарди. Раббий шаҳарда эди, аммо шаҳарликларнинг кўпчилиги Унга эътибор бермади.
Масиҳ ғайриоддий иш қилиб, ҳамманинг диққатини Ўзига қаратиши мумкин эди. Нега У шунга эътиборсизлик қилди? Нега У Маъбад томидан сакраб, ҳавода икки марта айланиб ерга оёқлари билан эсон-омон тушмади? Одамлар: «Уни хочга михла!» деб бақирганларида, нега У одамларни ҳайратда қолдириб, лол қилиб қўймади? Нега Унда ўша пайтда мўъжиза, ғайри оддийлик сезилмади? Нега У ҳамманинг эътиборини тортадиган ҳеч нарса қилмади?
Унинг орқасига бирин-кетин дарра зарбаси тушаётганда, фаришталар қалқонларини тутмадилар. Унинг пешонасини тикон гулчамбардан ҳимоя қиладиган кўринмас темир қалпоғи йўқ эди. Раббий инсонлар дунёси ботқоғига кирди ва бўйнигача ботди. У ўлимнинг қорайиб кўринаётган жарлигига ўзини отди ва ундан тирик чиқди.
Ҳатто ўша ердан чиқиб ҳам Ўзини кўз-кўз қилмади. У ўлимнинг ичидан чиқди. Унинг қадам қўйиши оддий эди. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Тўма бўлиб ўтган воқеага ишонч ҳосил қилиш учун Унинг танасини қўллари билан ушлаб кўрди. Масиҳ худди олдингидай дўстлари билан овқатланиб, суҳбатлашарди. У Эммаусга бораётган шогирдлари билан кечки овқатга ўтириб, нонни синдирди.
Гап нимада эканини тушуняпсизми? Раббий — чинакам, оддий дунёда яшайдиган одамлар билан мулоқотда бўлади. Одамлар билан мулоқот қилиш учун У аллақандай сирли усуллардан фойдаланмайди. У Ўзига юлдузлардан мозаика ясаб ёки инсоннинг аждодларини реинкарнация қилиш орқали у билан мулоқот қилмайди. Исо инсонлар билан на маккажўхори даласидаги шамол шовқини орқали, на Зумрад шаҳридан бўлган пакана сеҳргар орқали гаплашади. Машинангиз олд томонидаги ойнасига ўрнатилган пластмасса ҳайкалчаси, худди орқа ойнадаги сўрғичда тебраниб турган бир жуфт ўйин соққаси қандай қудратга эга бўлса, Масиҳ шундай қудратга эга.
Сиз қайси бурж остида туғилгансиз — Водолейми ёки Тоғ эчкисими ё Президент Кеннеди ўлган куни туғилганмисиз — бунинг аҳамияти йўқ. Раббий — циркдаги найрангбоз эмас. У шиша идишдаги жин ҳам, сеҳргар ҳам, тумор ҳам, «юқоридан тушган қўшни» ҳам эмас. У кундалик ҳаётнинг қоқ марказида турадиган, сизга юлдузлар жадвали, фол ёки йиғлаётган Мадонналарнинг ҳайкаллари орқали айтгандан кўра, чақалоқнинг гапириши ва оч қориннинг ғўриллаши орқали кўпроқ нарса айтадиган Оламнинг Яратувчисидир.
Агар сиз қандайдир ғайриоддий ҳисга эга бўлсангиз ёки тунлари овозлар эшитсангиз ҳам завқланишга шошилманг. Бу Раббий бўлиши ҳам мумкин ёки ошқозонингиздаги овқатнинг ҳазм бўлмаслиги оқибати ҳам бўлиши мумкин — бу икки ҳодисани аралаштирмаслик керак.
Ғайриоддий нарсани ахтариб, мумкин бўлмаган нарсани назардан четда қолдирмаслик керак. Худо ҳақиқийдир, У биз билан ҳаётимиз воқеаларининг энг марказида бўлганимизда гаплашади. Биз фақат Уни эшитишга ўрганишимиз керак, холос.
Унинг кундалик ҳаётдан сизга қарата айтилган сўзларига қулоқ тутинг.
У сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилишига ишонч ҳосил қилишини хоҳлайсизми? Қуёшнинг ҳар кун чиқиши сизга Унинг садоқати ва содиқлиги ҳақида айтиб беришига имкон яратинг.
Сизга Унинг қудрати намунаси керакми? Кунларингизни одам танасининг ажойиб тузилишини ўрганишга бағишланг.
Унинг Каломига ишониш мумкинлигига ишонч ҳосил қилишни истайсизми? Амалга ошган Муқаддас Китоб башоратлари рўйхатини тузинг ва бу рўйхатни ўзингизнинг ҳаётингизда амалга ошган Худо ваъдалари рўйхати билан тўлдиринг.
Масиҳ ҳаётининг охирги ҳафтасида мўъжиза талаб қилганлар кутган мўъжизаларини кўрмадилар. Аммо кўришлари мумкин бўлган бир нарсани сезмай қолдилар. Қабр Шоҳ тахтига айланган дақиқани улар эътибордан четда қолдирдилар.
Уларнинг хатоларини такрорламанглар. Мен олдингидай, даромадлар ҳақида деклорация топшириш ва бўшаб қолган қабр ҳақидаги хотиралар бекорга бир вақтда келмайди, деб ҳисоблайман. Эҳтимол, айнан шундай бўлиши керакдир. Ахир, ҳаётда фақат икки нарса — ўлим ва солиқлар муқаррар эканлиги ҳақидаги мақол бор эмасми?! Худо ҳақида билишимга кўра, У ўлим ҳақидаги саволларимизга жавоб бериши учун биз билан, солиқлар каби, оддий ҳодиса орқали гаплашиши мумкин.
25-боб
Ибодат орқали очилган
Раббийми?
Эҳтимол, бу унчалик ўринли эмасдир. Аммо мен сенга ўзимнинг фикрларимни айтишим керак.
Менга мана бу оят ёқмайди: «Худойим, Худойим! Нега Мени тарк этдинг?» Бу сен айта олишинг мумкин бўлган сўзларга ўхшайди.
Одатда менга Сенинг сўзларинг ёқади. Мен сенинг гапларингни тинглашни яхши кўраман. Мен Сенинг овозинг қудратини, Сенинг амрларинг момақалдироғини, Сенинг гапларингнинг ҳаётбахш кучини тасаввур қила оламан. Буларнинг ҳаммаси менга ёқади.
Мангулик сукунатида сен куйлаган яратувчанлик қўшиғинг эсингдами? Бу қўшиғинг билан сени таниш осон. Бу ҳақиқатан ҳам Худонинг иши!
Сен тўлқинларга буйруқ берганингда, улар шовқин солганларида, юлдузларга буйруқ берганингда, улар нур сочганларида, ҳаёт пайдо бўлишини буюрганингда ва ҳаёт бошланганда ҳам шундай бўлганди…Ёки Сен замин тупроғидан пайдо бўлган Одамнинг юзига ҳаёт нафасини уфурганингда… Ана ўшанда Сен чиндан ҳам Ўзингни кўрсатдинг. Мана шундай овоз менга ёқади. Шундай овозни тинглашни мен яхши кўраман.
Мана шунинг учун ҳам менга бу оят ёқмайди. Наҳотки шу сўзларни Сен чиндан ҳам айтгансан? Шу Сенинг овозингми — шу овоздан саҳродаги бута ёниб кетган, денгиз иккига бўлинган ва осмондан ерга олов тушган.
Бу сафар Сенинг овозинг бошқача янграяпти.
Бу оятни Ўзинг ўқиб кўр. Бошида «Нима учун?» деган сўз турибди, охирида эса сўроқ белгиси. Аммо Сен савол бермаяпсан-ку! Сенинг овозингда одатда янграйдиган қатъият ва ҳукмронлик қани? Айнан Сен Лазарга: «Ташқарига чиқ!»[154] деб буюргансан. Иблисларга: «Кетинглар»[155], деб уларни ҳайдаган Сенсан. Сув юзидан юриб бораётганингни кўрган шогирдларинг қўрқиб кетганларида: «…дадил бўлинглар, бу — Менман, қўрқманглар»[156], деб уларни хотиржам қилгансан.
Бу гапларнинг барчаси охирига ундов белгиси қўйиш керак. Бу гапларда ғалаба, қуролларнинг гумбур-гумбури, ғолиблар араваларининг гумбури янграйди.
Сенинг сўзларинг катта водийни яратди. Сенинг сўзларинг шогирдларингни илҳомлантирди. Раббим, гапир. Сен — барча яратилганларнинг ундов белгисисан!
Нимага Сенинг сўзларинг устида бу омонат, эгилган, худди устига оғир юк ортилгандай букилган сўроқ аломати турибди? Ахир, уни тўғрилаб, ундов белгисига айлантирса бўлмайдими? Ахир, бу аломатни тик туришга мажбур қилиб бўлмайдими?
Сен билан очиқчасига гаплаша бошлаган эканман, менга яна «ташлаб қўйдинг» деган сўзлари ёқмайди. Ҳаёт бахш этувчи бирдан ташлаб кетилдими? Севги манбаи бирдан ташлаб кетилдими? Ҳамманики бўлган Отаси бирдан ташлаб кетилганми?
Нега бундай? Албатта, бу ерда қандайдир хатолик бор. Сен умуман буни назарда тутмагансан. Умуман, Раббий Ўзини ташлаб кетилган деб ҳис қилиши мумкинми?
Бу гапни сал ўзгартирса бўлмайдими? Озгина, фақат бир сўзни.
«Синаяпсан» сўзи-чи? «Худойим! Худойим! Нега Сен Мени синаяпсан?» Шунда яхшироқ эмасми? Шунда ҳаммамиз биргаликда қарсак чаламиз. Биз Сенинг садоқатингни бошқаларга намуна қилиб кўрсата оламиз. Биз бу қаҳрамонлик ҳақида бошқаларга ҳикоя қилиб бера оламиз. Ҳаммаси тушунарли бўлади. Ахир, шунда Сен қаҳрамон бўласан-ку. Тарихни ўзгартирган қаҳрамонлардан бирига айланасан,
Синовларга дош берган одам қаҳрамон бўлмай, ким қаҳрамон бўлади?!
Агар бу гап Сенга ёқмаса, бошқаси бор. Нега «ўлдирдинг», деб бўлмайди? «Худойим! Худойим! Нима сабабдан Сен Мени ўлдирдинг?» Ҳа буниси яхшироқ бўлади. Энди Сен ҳақиқат томонда бўлган Жафокашсан. Душман қўлидан зарба берилган ватанпарвар, қилич урилган мард жангчи, яраланган ва қонига беланган, аммо барибир ғолиб бўлган жангчи. «Ўлдирилган» сўзи «ташлаб кетилган» сўзига қараганда анча яхши эшитилади. Сен ҳақ иш учун азоб чеккан Жафокашсан. Сен Патрик Генри ва Авраам Линкольн билан бир сафдасан.
Исо, ахир, Сен Худосан-ку! Сен тарк этилган бўла олмайсан. Сен ёлғиз бўла олмайсан. Сен буюк азоб чекаётганингда тарк этилмайсан.
Ахир, тарк этилиш — бу жиноятчининг тақдири-ку! Фақат ёмонларнинг ёмони ташлаб кетилишга лойиқ. Бу — ёвузлар учун жазо бўлиб, Сен учун эмас. Эй Шоҳлар Шоҳи, Сен учун эмас! Альфа ва Омега, асло Сен учун эмас! Раҳбарсиз, Сен учун эмас. Ахир, Юҳанно сени «Худонинг Қўзиси» деб атамаганми? Қандай исм-а! Сен — нуқсонсиз, бирон доғи йўқ Худонинг Қўзисисан. Юҳанно шундай деб айтаётганини мен эшитяпман. Мен унинг жилмаяётганини, Сени кўрсатиб: «Мана, Худонинг Қўзиси», деган гапини бутун Иордан дарёси устида янграйдиган қилиб баланд овозда айтганини кўз олдимга келтира оламан.
У шундай деган зоҳоти ҳамманинг кўзи Сенга тикилади. Ёш, қуёшда қорайган, бақувват, кенг елкали, кучли…
«Мана, Худонинг Қўзиси…»
Ҳа, Худойим! У менинг севимли оятларимдан бири. У Сен ҳақингда нақадар аниқлик билан сўзлайди.
Ҳм-м-м-м. Қани, эслаб кўрай-чи.. «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!»[157] Тўғрими?
«Дунёнинг гуноҳини Ўзига олиш учун келди». Бир дақиқага тўхта! «Дунёнинг гуноҳини Ўзига олиш…» Мен илгари ҳеч қачон бу сўзларнинг маъноси устида ўйламаганман.
Йўқ, албатта, бу оятни ўқиганман, аммо улар нимани англатиши устида ҳеч қачон бош қотирмаганман. Мен ўйлаганманки, Сен …хўш… гуноҳни ҳайдаб юбординг, гуноҳни таъқиқлаб қўйдинг деб. Сен гуноҳларимиз уюми олдига келиб, уларга, кетинглар, деб буюрдинг, дея ўйлаганман. Худди Сен одамларнинг ичидан жинларни, Маъбаддан савдогарларни ҳайдаб чиқарганинг каби. Сен ёвузликка, йўқол, деб буюргансан, дея ўйлаганман. Сен гуноҳни Ўз устингга олиб чиқиб кетганлигинг ҳақида сира бош қотирмаганман. Ҳеч қачон сен унга қўл текизганинг, бунинг устига, у Сенга қўл текизгани устида ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганман.
Бу жуда ёмон бўлгандир-а. Гуноҳ Сенга тегиши нима эканини биламан. Гуноҳ қандай қўланса ҳид таратишини мен биламан. Менинг олдинги ҳолатим эсингдами? Илгари мен Сени танимай, шу ифлосликлар ичра сузиб юрардим. Мен нафақат гуноҳ қилганман, балки уни яхши кўрардим. Ундан ҳузурланиб, унинг мусиқасига ўйнардим. Мен унинг ичида яшардим. Аммо нега мен буларни Сенга айтяпман? Ахир, ҳаммаси эсингда-ку! Сен мени кўргансан, ахтариб топгансан. Мен ёлғиз эдим, қўрқардим. Эсингдами? «Нимага? Нега мен? Нега бу айнан мен билан юз берди? Нега мен шундай азоб чекяпман?»
Биламан, буни савол деб айтиб бўлмаса керак. Тўғри қўйилган савол деб ҳам айтиб бўлмайди. Аммо мен бошқа ҳеч нарса тўғрисида сўрай олмасдим. Раббим, биласанми, мен адашганимни, бутун бошли дунёда ёлғиз эканимни ҳис қилардим. Ҳа, ҳа, гуноҳ одамни шундай қилади: сен ўзингни синган, етим қолган, оқим бўйлаб ихтиёрсиз сузаётгандай ҳис қиласан. Гуноҳ туфайли сен ўзингни тарк этилган ҳис қиласан. Бу нима? Мен ҳозиргина нима дедим?
Раббим! Раббим! Наҳотки ўшанда бу воқеа Сен билан юз берди? Наҳотки Сен, гуноҳ мени нима қилган бўлса, сени ҳам шу кўйга солди, демоқчисан? Мени кечир! Кечир! Мен буни билмаганман, тушунмаганман. Сен чиндан ҳам у ерда, хочда ёлғиз бўлгансан, шундайми?
Исо, наҳотки Сен шу саволни бердинг, Сен чиндан ҳам қўркдинг? Ҳа, Сен чиндан ҳам ёлғиз эдинг. Худди сенга ўхшаб. Аммо мен шунга лойиқ эдим, Сен эса йўқ. Мени кечир, мен тушунмаганларим тўғрисида гапирдим.
ЯКШАНБА
26-боб
Яширин қабр
Гўлгўтанинг йўли шовқинли, нотекис ва хавфли эди. Бунинг устига, Хочни елкамда кўтариб боришим керак эди. Мен Масиҳ Гўлгўтага борган йўлдан бориш ҳақида ўйлаганимда, Исо ҳаётининг сўнгги соатларини ва авжи яқинлашиб келаётган воқеаларни кўз олдимга келтиришимни тасаввур қилдим. Мен хато қилдим.
Виа Долорос бўйлаб сайр — бу нафақат Масиҳ изидан қилинган саёҳат эмас. Бу — ўз ишлари билан кўчадан бораётган одамлар, аскарлар, кўча сотувчилари ва болалар оқимига қарши сузиш ҳамдир.
«Кармонларингизни эҳтиёт қилинг», деб бизни огоҳлантирди Жо. Жо Шулам — Қуддуслик бўлиб, Масиҳга эътиқод қиладиган одам, яҳудийлар орасида унинг обрў-эътибори катта. У олим сифатида иудаизм диний анъаналарининг тадқиқотчиси ҳамда археолог сифатида машҳур. Аммо кўпчилик уни Масиҳга ва вайрон бўлган Исроил хонадонига бўлган севгиси туфайли ардоқлайди. Бизга экскурсовод эмас, ҳақиқий зилот ҳамроҳлик қиларди.
Зилот сизга, қармонларингизни эҳтиёт қилинглар, деб айтдими, сиз албатта, эҳтиёт қилишингиз керак.
Ҳар қадамда кўча савдогарларидан бири ёнимга келиб, бурнимнинг тагида зиракларини ёки шарфларини мақтарди. Бозор марказида кетаётган одам қандай қилиб фикр юрита олади?!
Виа Долорос — бу бозорнинг ўзгинасидир. Кўчанинг ана шу жойи шунчалар торки, юриб бўлмайди, шунинг учун доимо одамлар орасига суқилиб киришга тўғри келади. Кўчанинг икки томонидаги баланд ғишт деворлар қадимий дўконлар билан алмашинади, дўконларда ҳамма нарса — ўйинчоқлар ва кийим-кечаклардан тортиб саллалар ва компакт дискларгача сотилади. Кўчанинг бир қисмида фақат гўшт дўконлари бор. Бу кўчадаги ҳид ва қўйнинг ичак-чавоқларидан кўнглим айний бошлади. Бир амаллаб Жонинг олдига бориб ундан сўрадим:
— Бу ерда Масиҳ даврида ҳам шундай расталар бўлганми?
— Ҳа, — деб жавоб берди у, — У Хочга михланган жойига етиб бориш учун кушхона орқали ўтиши керак эди.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, унинг айтганлари маъносини тушундим.
— Қолиб кетма! — деб бақирди у оломон шовқинини енгишга ҳаракат қилиб, — бу ерда муюлишда жамоатхона бор.
«Жамоатхонада анча хотиржамлик бўлади», деб ўйладим мен.
Яна адашган эканман.
Раббийнинг қабри мақабараси — бир қоя бўлиб, ўн еттинчи асрда ўралган. Милодий 326 йили импратор хоним Елена — Буюк Константиннинг онаси — Масиҳ михланган тепаликнинг излаб Қуддусга жўнади. Қуддус Епископи Макария уни шаҳар деворининг шимоли-ғарб томонидаги тепаликка олиб борди. Олти метрли гранит қоя римликлар қурган Юпитер ибодатхонаси учун асос бўлган экан. Қоя атрофида қабристон бўлиб, қабрлар тош қояларга ўйилган деган тасаввур қолдирар эди. Қабрларнинг оғзи тош билан беркитилган эди.
Елена мажусийлар ибодатхонасини бузиб ташлаб, унинг ўрнига кичкина ибодатхона қурдирди.
Натижада қурбонлик қилинадиган жой ҳашаматли расм-русумлар билан дафн қилинадиган жойга айланди. Биз баланд эшиклардан ибодатхонага чиқиб, зинопоя орқали кўтарилганимиздан кейин чўққига чиқиб колибмиз. Шиша гумбаз остида қоянинг энг юқориси кўриниб тутарди, холос. Қурбонгоҳда олтин билан ишлов берилган чуқур бўлиб, шу чуқурга тахминан хоч ўрнатилган эди. Михланган одамлар тасвири туширилган учта ҳайкалча қурбонгоҳ орқасидаги хочларга осилган эди.
Олтин шамчироқлар, Мадонна тасвири, шамлар ва хира ёруғлик. Хаёлимга бир нарса келмасди. Айни пайтда шундай жойда турганимдан таъсирландим ҳам, бу ерга кўрганларимдан биро оз хавотирга тушдим ҳам. Мен орқага қайтиб, зинадан тушдим ва қабр ёнига яқинлашдим.
Афсоналарга кўра, Масиҳ дафн қилинган қабр У хочга тортилган жойнинг ўзида эди. Буларнинг ҳаммасини кўриш учун бинодан чиқишимизга ҳожат йўқ эди. Аммо тасаввурларимизни ишга солишга тўғри келади.
Бундан икки минг йил ва миллионлаб ташриф буюрувчилардан илгари бу ер қабристон эди. Ҳозир эса бу жой жамоатхона. Баланд гумбазларда моҳирлик билан ишланган нақшлар. Бу гумбаз ва нақшлар энг бошида қандай бўлганини мен тасаввур қилмоқчи бўлдим. Бу эса қўлимдан келмади.
Чиройли безатилган қабрда, афсонага кўра, Исо дафн қилинган. Олдида шамдон турган кириш жойида қирқ учта шамчироқ осилган. Кириш жойи мармар билан, бурчаклар эса тилла барглар билан безатилган. Тош супа қабрга олиб боради. Қабр ёнида қора либос кийган, қора соқолли, бошига қора бош кийим кийган руҳоний турибди. Унинг вазифаси — муқаддас жойни тоза сақлашдир. Мақбарага кириш учун элликдан ортиқ одам навбатда турибди, аммо руҳоний уларни ўтказмай турибди. Мен нега бундай бўлаётганини тушунмасдим, аммо ҳали узоқ кутиш кераклигини билардим.
«Йигирма дақиқа, йигирма дақиқа».
Йиғилганлар норозилик билдира бошладилар. Мен ҳам аччиқланиб, мақбарага кириш жойига имкон қадар яқин келдим. Мен мармар плиталар ётқизилган полни ва яна шифтда осилиб турган кўп шамчироқларни кўрдим.
Бизнинг бугунги сайримиз ҳақидаги хотиралар аста-секин бутун манзарани ташкил қила бошлади. Турли-туман савдогарлар билан лиқ тўла муқаддас йўл. Меҳроб тагида яширилган хоч. Руҳоний қўриқлаб турган мақбарага кириш жойи.
Ибодатхона, чамаси, яна тозаланишга муҳтожлиги ҳақида норозилик билдира бошлаганимда, кимдир мени чақириб қолди: «Ҳаммаси жойида, бу ёққа кел». Бу — Жо Шулам эди. У бизга кўрсатган нарсани мен ҳеч қачон унутмайман.
У бизни нақшинкор гумбазлар остидан олиб ўтди, биз кўзга ташанмайдиган эшикдан ўтиб, оддий моғор ҳиди анқиб турган, йиғиштирилмаган ва чанг босган хонага кирдик. Бу жой саёҳатчилар ташрифи учун мўлжалланмагани шундоққина кўриниб турарди.
Кўзларимиз қоронғуликка ҳали кўникмасдан, Жо гап бошлади: «Бундай жойлардан олтитаси топилган, аммо бу ерга одамлар кўп келмайдилар». Бу жой орқасида унча катта бўлмаган тешик бор эди. Бу қояга ўйиб ясалган қабр эди. Қабрнинг баландлиги бир метр йигирма сантиметрдан ошмас, эни ҳам тахминан шунча эди.
«Агар бу қабр ўша қабр бўлганда эди, — жилмайди йўл бошловчимиз, — жуда кулгили бўларди. Бу ер ифлос, йиғиштирилмаган, ҳамма ташлаб қўйган. У ер — гумбаз ости — ҳашамат билан безатилган. Бу ер эса ҳеч кимнинг эсида йўқ. Агар Раббий ҳақиқатан айнан шу қабрга кўмилган бўлса эди, бунда қандайдир масхара қилиш бўлмайдими?»
Мен тешикка яқинроқ келиб, худди ҳаворий Юҳанно каби, қабрни кўриш учун эгилдим. Айнан Юҳанно каби кўрганларимдан лол қолдим. Бу жой — Масиҳ дафн қилиниши ҳақида ўқиб, тасаввур қилганимдай кенг жой эмас, аксинча, кичкина шамчироқ ёритиб турган торгина жой эди.
«Киравер», деди Жо. Менга иккинчи марта таклиф қилишнинг ҳожати йўқ эди.
Тош ётқизилган пол бўйлаб уч қадам босдим — мана, мен девор ёнидаман. Шифтнинг пастлигидан эгилишга ва совуқ деворга суянишга тўғри келди. Кўзларим яна қоронғуликка кўникиши керак эди. То шундай бўлгунча бу кун биринчи марта сукунатда ўтиришим эди. Аста-секин қаерда эканимни англай бошладим — мен қабр ичида эдим. Масиҳ танасини ушлаб турган қабрда. Раббий жасади дафн қилиниши мумкин бўлган қабрда. Гумбазлари инсоният тарихидаги буюк дақиқаларнинг гувоҳи бўлган қабрда.
— Бу ерга бештагача одам дафн қилиниши мумкин бўлган, — деб Жо ҳам қабрга кириб келди ва бизнинг қаторимизга ўтирди. — Икки ёки уч кишини ерга ётқизиб, иккита одамни эса ён томондаги чуқурларга қўйиш мумкин эди.
— Раббий Ўзини шундай жойга жойлаштирган, — деди кимдир секингина.
Ҳа, У шундай қилди. У Ўзини қоронғу, тор, ваҳима чақирадиган жойга жойлаштирди, шу ерга кўмишларига имкон берди. Дунё ёруғлиги қора матога ўралди, зимистон қаърига беркитилди. Инсоният умиди қабрга кўмилди.
Биз гаплашишга журъат қила олмасдик. Биз гапира олмасдик.
Безатилган ҳашматли меҳроблар унутилганди. Руҳоний қўриқлаб турган қабр худди бошқа оламдагидай туюларди. Раббий бизнинг дунёмизга нима сабабдан келганини хаспўшлаш учун қилинаётган инсониятнинг аянчли уринишлари ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолди.
Мен ўша лаҳзада фақат бир нарса ҳақида ўйлай олардим — бу фикр илгаригиларидан аниқроқ эди — бу фикр Унинг қанчалар ичкари киргани эди. Бу — ёнаётган аланга орасидан гапираётган Худодан кўра ортиқроқ эди. Ҳайвонлар охурида йўргакланган чақалоқдан ҳам кучлироқ эди. Бу — Насролик ёш Нажоткордан ҳам каттароқ эди. Ҳатто хочга михланган Шоҳлар Шоҳи тимсоли ҳам бу қабрда ётган Раббий ҳақидаги фикр олдида бир четда қолиб кетганди.
Қабрдан кўра қоронғу, тобутдан кўра жонсиз, ер остидаги сағанадан кўра мустаҳкам ҳеч нарса йўқ. Аммо У айнан сағанага кирди.
Кейинги сафар ваҳимали қоронғуликда бўлиб қолганингизда, бу ҳақда эсланг. Кейинги сафар ваҳима билан тўла бу дунёнинг оғриқлари сизни қабрга олиб борганда, ана шу сағана ҳақида ўйланг. Кейинги сафар тош сиз чиқадиган жойни беркитиб қўйса, Қуддус деворлари яқинидаги бўм-бўш, моғор босган шу қабр ҳақида ўйланг.
Бу қабрни қидириб топиш унчалик осон ҳам эмас. Бу қабрни кўриш учун эътиборингизни ўзларига жалб қилмоқчи бўлган одамларнинг шиддатини енгиб ўтишингизга тўғри келади. Сиз олтин суви юритилиб ишланган меҳроблар ва ҳашаматли ҳайкаллар оралаб ўтишингизга тўғри келар. Бу қабрни кўриш учун ҳатто руҳоний қўриқлаётган ғор ёнидан ўтарсиз. Руҳонийнинг назаридан четроқда бўлган хоначага кириб, буни ўз кўзларингиз билан кўрарсиз. Баъзида айнан ибодатхонада бу қабрни топиш ҳаммасидан қийинроқ бўлади.
Аммо қабр шу ерда.
Сиз қабр ёнига келганингизда, эгилиб, унинг ичига киринг, сукут сақлаб атрофга боқинг. Чунки ўша ерда — деворда — сиз Худонинг нуридан куйиб кетган жойларни кўрасиз.
27-боб
Ўйлайманки, доимо бу йўлни хотирамда сақлайман
«Исони нима қилай?» — Пилат биринчи бўлиб шу муаммо устида бош қотирди. Ҳар биримиз ҳам бир куни шу муаммога дуч келамиз.
Бу тўғри савол. Берилиши керак бўлган савол. Бундай одамни сиз нима қиласиз? У Ўзини Худо деб атарди, аммо инсон каби кийинарди. У Ўзини Ёғ суртилган деб ҳисобларди. Лекин У ҳеч қачон армияни бошқармаган. Уни худди шоҳ каби ҳурмат қилишарди, ягона тожи эса тиканак гулчамбар бўлди. Одамлар Унинг олдида худди ҳукмдор олдидагидай бош эгардилар, аммо Унинг елкасига мантияни фақат мазах қилиш учун ташладилар.
Пилатнинг боши қотганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Бундай одамни қандай қилиб тушуниш мумкин?
Агар Унинг изидан борсангиз, Уни тушуниш мумкин. Унинг сўнгги юрган йўлидан. Айнан шуни сиз билан биз қилдик. Биз доимо у юрган йўллардан юриб бордик. Ерихондан — Қуддусга, Гетсиманиядаги ибодатхонадан, Гетсимания боғидан — сўроққа, Пилат саройидан Гўлгутадаги хочга. У қандай бораётганини биз кўрдик. Маъбадга — ғазабланган ҳолда, Гетсиманияга — чарчаган ҳолатда, Виа Долорос бўйлаб — азоб чеккан ҳолда. Ниҳоят, бўшаб қолган қабрдан — кучга тўлган ҳолда.
Биз У билан ёнма-ён бораётганимизда, сиз ўзингизнинг йўлингиз тўгрисида ҳам ўйлаб кўргансиз, деб умид қиламан. Чунки ҳар биримизнинг Қуддусга элтувчи йўлимиз бор. Бефойда тақводорлик орқал ўтадиган йўлимиз, хўрланганлар орасидан ўтадиган сўқмоғимиз бор. Ҳар биримиз, худди Пилатга ўхшаб, Масиҳ тўғрисида ўз ҳукмимизни чиқаришимиз керак.
Пилат оломон овозига қулоқ солиб, Масиҳни ёлғиз қолдирди.
Биз-чи, биз нима қиламиз?
Мен бу китобимни учта йўл, учта саёҳат ҳақидаги ҳикоялар билан тугаташни истардим. Бу — учта қул тарихи… ва шу қуллар озодлик сари босиб ўтган учта йўл ҳақидаги ҳикоядир.
Мэри Бербур сизга қуллик нима эканини ҳикоя қилиб бериши мумкин эди. У бу ҳақда эшитиш билан билиб қолмади. У ўзининг хўжайини ва бекасини эслай оларди. У плантацияни, қуллар яшайдиган лой барак ва сўриларни батафсил тасвирлаб бера оларди. Узун кечалар. Иссиқ кунлар. Қамчи зарбалари. Тутқунлик. Мэри Бербур буларнинг ҳаммасини сизга ҳикоя қилиб бериши мумкин эди. У чўри бўлган эди.
Аммо у сизга озодлик ҳақида айтиб беришни афзал кўрган бўларди. У айнан шундай қилди.
1935 йили Федерал ёзувчилар дастури қатнашчиси Роли шаҳридаги унинг уйи эшигини тақиллатди (Шимолий Королина штати). Давлат томонидан молиялаштирилган Федерал ёзувчилар дастури собиқ қулларнинг хотираларини ёзиш ва тўплаш учун ташкил қилиинганди. Ҳаммаси бўлиб 2000 хотира йиғилганди. Бу одамлар 246 йил давомида қулликда яшаганларнинг сўнгилари — ўз ҳаётлари ҳақида жон-жон деб айтиб беришарди.
Уларга ўқиш, ёзишга имкон бермаганлари, харид қилиш ва савдо-сотиқ билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлари тўғрисида ҳикоя қилардилар. Улар жамоатга бора олмасдилар. Агар уларни махсус таклиф қилганларидагина, у ерга бора олардилар. Қулларни савалаш кенг тарқалган эди. Оғир меҳнат эса улар ҳаётининг ажралмас қисми эди.
Улар озод бўлганларида, озодликка тайёр эмасликлари маълум бўлди. Улар иш излаб дайдиб юришарди. Уларнинг кўпчилиги фирибгарларнинг қурбонига айландилар. Кўпчилиги ўзлари ишлаётган плантацияларда ўлиб кетдилар.
Аммо хотиралар ичида энг ёрқини озодлик дақиқалари ҳақидаги хотиралар эди. Бу ҳақда собиқ қуллар иштиёқ билан ҳикоя қилишарди. Янкилар шаҳарга кириб келган тун. Марстер уларга, хоҳлаган жойингизга боришингиз мумкин, деб айтган кун. Улар хўжайиннинг уйига келиб, бу уйни бўш топганлар.
Озодлик ҳақидаги ҳикояларнинг биронтаси ҳам Мэри Бербурнинг ҳикояси каби батафсил эмасди. Отаси уни уйғотиб, озод бўлганларини айтиб, машинага олиб борганда, у ўн ёшда эди.
Сиз бу аёлнинг ҳикоясини ўқишдан олдин уни Ролида уйи олдида ҳовлида ўтирган ҳолда тасаввур қилинг. 1935 йил. Мэри Бербурнинг ёши саксондан ошган. У ҳикояси учун сўз ахтариб тебранади. Жуссаси кичкина кампир катта креслода янада кичик кўринади. У қўлларини юзига олиб борганда, ингичка, нозик бармоқлари титрайди. Ажинлар билан қопланган, аммо тетик кўзлари худди уфқ чизиғида нималарнидир кўришга ҳаракат қилаётгандай узоқларга тикилади. Сиз ҳовли тўсиғига суяниб, унинг ҳикоясини тинглайсиз.
Эсимда қолгани шу — ўша кечаси отам мени уйғотди, қора кўйлагингни кий, бирон сўз оғзингдан чиқмасин, деб буюрди. Эгизаклардан бири қичқирди, шунда отам, овози чиқмасин, деб қўллари билан унинг оғзини беркитди.
Биз кийинаётганимизда, у ташқарига чиқиб, атрофни кузатди, кейин уйга қайтиб кириб, бизни олиб чиқди. Биз яширинча уйдан чиқдик ва ўрмон ёқалаб борадиган йўлдан кетдик. Отам эгизаклардан биттасини кўтариб олган, мени эса етаклаб борарди. Ойим ҳам икки укамни кўтариб борарди.
Мен бу йўлни ҳеч қачон эсимдан чиқармасам керак, деб ўйлайман. Буталарнинг шохлари оёғимни савалар, шамол дарахтларни тебратиб, шовқин солар, барглар орасидан бойқушлар ва тентак қушлар сайрашарди. Мен ҳали уйқусираб борардим, йўлда қўрқиб кетардим. Мана, олхўри дарахтлари ёнидан ўтдик, у ерда хачирлар ва фургон машинаси турарди. Фургон тагига қамиш бўйра тўшалганди. Бизнинг унинг устига ётқизиб қўйишди. Отам билан ойим олдинги ўриндиққа ўтиришди, биз йўлга тушдик.
Уйқим келарди, аммо қўрққанимдан ухлай олмасдим. Ойим билан дадамнинг суҳбатларига қулоқ солиб борардим. Дадам ойимга янкилар плантацияга келганларини, маккажўхори омборларини, дудхоналарни ёқиб юборганларини ва ҳамма нарсани вайрон қилганларини ҳикоя қилиб берди. Дадам яна, янкилар жаноб Жорданни ушлаб олиб, Норфолькдаги ўғрилар қамаладиган қамоқхонага қамаб қўйдилар, деб айтди. Шундан сўнг дадам хачирлар билан фургонни ўғирлаб олиб қочиб кетишга қарор қилган экан[158].
Озодлик нури. Озодликни кутиш. Орадан олтмиш йил ўтиб, ҳали ҳам шамол дарахт шохларини силкитади, тентакқушлар ва бойқушлар худди олдингидай барглар орасидан қўшиқ куйлайдилар. Мэри Бэрбур ҳал ҳам буларнинг биронтасини унутгани йўқ.
Озодлик йўли ҳеч қачон эсдан чиқмайди. Қулликдан озодликка олиб борадиган йўл доимо ёрқин хотира бўлиб қолади. Бу оддий йўл эмас, балки нажот йўлидир. Кишанлар парчаланиб, эҳтимол, биринчи марта озодлик нури йўлимизни ёритяпти.
Сиз-чи, сиз ўз йўлингизни эслай оласизми? Эшиклар ланг очилган ўша тунда сиз қаерда эдингиз? Отанинг қўл текизганини эслай оласизми? Сиз озодликни қўлга киритганингизда, ўша куни ёнингизда ким бўлган эди? Хотирангизда ўша куни юз берган воқеалар тафсилотлари қолганми? Оёғингиз остидаги ернинг ҳиссиётлари унутилмаганми?
Умид қиламанки, йўқ. Умид қиламанки, сизнинг юрагингизга қоронғу тунда Ота сизни уйғотиб, йўлдан бошлаб олиб кетган дақиқалар тафсилотлари мангу муҳрланиб қолган. Бу хотира ҳеч қайси бошқа хотирага ўхшамайди. Чунки У сизни озод қилганда, сиз чиндан ҳам озод бўласиз.
Собиқ қуллар ўзлари озод бўлган дақиқаларнинг майда-чуйда тафсилотларини ҳам эсдан чиқармаганлар.
Ижозат барсангиз, мен ҳам ҳаётимнинг шундай дақиқалари ҳақида сизга айтиб берай.
Ғарбий Техасдаги Кичик шаҳарчадаги Муқаддас Китоб машғулоти. Бунинг нимаси ғайриоддий эканини билмайман. Ўқитувчи ўн ёшли болаларга Римликларга мактубнинг моҳиятини тушунтириб беришга ҳаракат қилганими ёки мен унинг тушунтиришларини эслаб қолганимми?
Синф хонаси ўртача катталикда — кичик жамоатхонадаги бир-бирига ўхшаш хоналарнинг биттаси эди. Менинг партам кичкина пичоқча билан қирилган, таг томонига эса кимдир сақич ёпиштириб қўйганди. Синфда йигирматча ўқувчи бўлиб, шулардан тўрттаси ё бештаси ўқитувчининг гапига қулоқ солишарди.
Биз орқа партада ўтирардик — дарсга қизиқишни ўзимизга эп кўрмасдик. Охорланган жинси шим, баланд тагликли кета. Воқеа ёзда — уфқ томон ботаётган қуёш дераза ойналарини тилла рангга бўяган пайтда юз берган эди. Ўқитувчимиз фанига берилган одам эди.
Менинг ўқитувчимизнинг сийрак сочлари қолган бошини, ҳеч қачон тугмасини қадамайдиган костюми тагидан туртиб чиққан қорнини худди ҳозиргидай эслайман. Кўкрагининг қаеридадир галстуги ликиллаб турибди. Пешонасида тўқ рангли туғма нори кўриниб турибди. Овози оҳиста, меҳр билан жилмаяди. Аммо ўзи билмаган ҳолда 1965 йили туғилган болаларни сира тушунмайди.
Унинг ёзув дафтарлари ўқитувчи столи устидаги қора муқовали оғир Муқаддас Китоб остига тахланган. У бизга орқасини ўгириб турибди. У доскага ёзаётганда, костюми гоҳ пастга, гоҳ баландга бориб келади. У самимий, иштиёқ билан гапиряпти. Одатда, у драматизмга мойил эмас, аммо бугун унинг нутқида оташин қизиқувчанлик кўриниб туради.
Ўша куни нима сабабдан уни тинглаганим Худонинг Ўзигагина маълум. У Римликларга мактубнинг 6-боби ҳақида гапирарди. Доска узундан-узоқ сўзларга ва чизмаларга тўлиб кетганди. Булар Масиҳнинг қабрга кирганини, кейин у ердан тирилиб чиққанини тушунтираётган пайтда юз берди. Худонинг марҳамати қимматбаҳо олмосини бошқа бурчак остидан кўрганимда, у менга бошқача намоён бўлди. Тўсатдан нафасим тиқилиб қолди.
Менга очилгани ахлоқий қонун эмас эди. Жамоат ҳам эмас. Ўнта амр ҳам эмас. Иблислар тўдаси ҳам эмас. Мен бошқа ўн ёшли бола — Мэри Бэрбур мендан олдин кўрган нарсани кўрдим. Менинг ички нигоҳим қаршисида Отанинг мен турган қоронғуликка киргани, мени уйқудан уйғотгани ва секин етаклаб — йўқ, мени озодликка томон кўтариб боргани намоён бўлди. «Ўйлайманки, бу йўл сира эсимдан чиқмайди…»
Ўшанда ўқитувчимга ҳам, дўстларимга ҳам ҳеч нарса демадим. Ўшанда Худога ҳам бирон нарса деганимда ишонмайман. Мен нима дейишни ҳам, нима қилишни ҳам билмасдим. Аммо бир нарсага мен мутлақо ишонардим: мен У билан бўлишни хоҳлардим.
Отамга, мен ҳаётимни Худога бағишлашга тайёрман, деб айтдим. У, бундай қарор қилишга ҳали ёшсан-ку, деди. Сўнг бу ҳақда нималар билишимни сўради. Мен унга, Исо осмонга олинган, мен У билан бирга бўлишни хоҳлайман, деб айтдим. Отам бу жавобимдан қаноатланди.
Севгим ҳеч қачон ўша биринчи кундагидай пок ва мусаффо бўлмагани ҳақида шу кунгача ўйлайман. Ҳозир ҳам эътиқодим ўшандай қатъий бўлишини хоҳлайман. Агар менга, Исо дўзахда, деб айтганларида ҳам, мен у ерга боришга рози бўлардим. Мэри Бэрбурга фургонга чиқиш қандай табиий бўлса, эътиқодимни ҳаммага кўрсатиш, сувда имонимни тасдиқлаш мен учун шунчалик табиий эди.
Биласизми, Ота сизни қулликдан озод қилиш учун келганда, сиз савол бермайсиз — у нимани буюрса, шуни қиласиз. Сиз Унинг қўлидан ушлайсиз. Унинг ортидан борасиз. Сиз тутқунлик маконини ортда қолдирасиз. Сиз буни ҳеч қачон унутмайсиз.
Мэри Бэрбур бу ҳақда унутмади. Мен ҳам унутмадим. Буни Тигайн ҳам эсдан чиқармагандай.
Тигайн Эфиопияда яшайдиган уаламо қабиласидан эди. Иккинчи жаҳон урушидан илгари миссионерлар иблисга сиғинадиган бу одамларга Масиҳ ҳақидаги хушхабарни олиб келдилар. Тигайн Худога эътиқод қўйганларнинг биринчиларидан эди. Рэймонд Дэвис — у билан танишган миссионернинг исми шундай эди — уни озод қилди.
Тигайн қул эди. Қулнинг Масиҳга эътиқод қилгани хўжайинга ёқмади. Шунинг учун хўжайин Муқаддас Китоб ўрганиладиган ва Худога сажда қилинадиган йиғилишларга қатнашишни қулига таъқиқлаб қўйди. Хўжайин Тигайнни тез-тез савалаб турар, эътиқоди учун уни турли йўллар билан камситарди. Аммо ёш масиҳий бунга чидашга тайёр эди.
Аммо шундай бир нарса бор эдики, у буни қила олмасди. У ўзини қулликдан сотиб ола олмасди. Бор-йўғи ўн икки доллар эвазига хўжайин қулини озод қилишга тайёр эди. Аммо ҳеч қачон ўз меҳнати учун ҳақ олмаган қул учун ўн икки доллар худди миллион доллар каби қўл етмас эди.
Миссионерлар ўн икки доллар тўлаб Тигайнни озод қилиш мумкинлигини билиб, бир-бирлари билан маслаҳатлашдилар ва бу пулни ўртада йиғишга қарор қилдилар.
Тигайн энди ҳам руҳан, ҳам жисман озод эди. Ўзини қулликдан озод қилгандан у бир умр миннатдор бўлиб қолди.
У озод бўлгандан сўнг кўп ўтмай миссионерларни Эфиопиядан ҳайдашди. Фақат орадан йигирма тўрт йил ўтгандан кейингина Раймонд Дэвис уаламо қабиласига қайтиб келди. Шу йигирма тўрт йил ичида Тигайн озодлик қудратининг тирик гувоҳи бўлди. У Дэвисни кўришни бутун қалби билан истаб яшади.
Дўсти қайтиб келаётганини эшитиб, у ҳар куни миссионернинг уйига келар ва уни кутарди. Ҳафтанинг қайси кунлиги ёки куннинг қайси вақти экани Тигайн учун аҳамиятсиз эди. У Дэвисни кутиб олиш учун ҳар куни келарди.
Ниҳоят, Дэвис келди. У машинада келди, рулда бошқа миссионер ўтирарди. У ўтирган машина муюлишда кўринганда, Тигайн юриб келаётган машинага томон югуриб келди ва Дэвиснинг қўлини машина ойнасидан ушлаб, ўпа бошлади. Тигайн орқада қолиб кетмаслиги учун ҳайдовчи машинанинг тезлигини пасайтирди, Тигайн югуриб келаётган пайтда дўстларига қараб: «Қаранглар! Қаранглар! Менинг халоскорларимдан бири қайтиб келди!» деб қичқирарди.
Ниҳоят, машина тўхтади. Дэвис машинадан тушди, Тигайн унинг олдида тиз чўкди. Кейин Тигайн дўстининг оёқларини қучиб, унинг чанг босган оёқ кийимларини ўпа бошлади. Дэвис уни ўрнидан турғизди. Икковлари бир-бирларини қучиб йиғлай бошладилар[159].
Учта собиқ қул. Улардан биринчиси одамга қулликдан, иккинчиси гуноҳга қулликдан, учинчиси, ҳам униси, ҳам бунисидан озод бўлди. Учта йўл, мақсад эса битта — озодлик. Улар ҳеч қачон унутмайдиган йўл шудир.
«Ўйлайманки, бу йўлни ҳеч қачон эсдан чиқармайман». Сиз ҳеч қачон ўз йўлларингизни унутмаслигингиз учун мен ибодат қиламан. Ёки Унинг йўлини — Масиҳнинг Ерихондан Қуддусга бўлган сўнгги йўлини. Ахир, шу йўл туфайли сиз озод бўлиш ҳақидаги ваъдани олдингиз-ку. Қуддусдаги Маъбад орқали ўтадиган Унинг йўли. Ахир, шу йўлдан бориб, У бефойда тақводорликни фош қилди ва қоралади.
Унинг Гетсиманияга йўли. Унинг Пилат саройидан Гўлгўта хочига элтувчи сўнгги йўли. Тор, тошлоқ йўлдан бораётган яланг, ярадор оёқлари. У қамчи излари қолган елкасини хоч тахтаси оғритаётганини сезгани каби, сиз У билан ёнма-ён бораётганингизни кўриб турибди.
Исо сизни уйқудан уйғотиб озодликка бошлаб бориш учун зимистон ҳаётингизга кирадиган ўша лаҳзани кўрган.
Аммо бу йўл тугамаган. Йўл ҳали босиб ўтилмаган. Йўлнинг ҳали биз босиб ўтишимиз керак бўлган қисми бор.
«Мен қайтаман», деб ваъда қилди У. Бунинг исботи тариқасида Худо Маъбаддаги пардани иккига бўлиб ташлади ва ўлим дарвозасини ланг очди. У қайтади.
У ҳам худди ўша миссионер каби, Ў издошлари учун қайтиб келади. Биз ҳам Тигайнга ўхшаб ўз қувончимизни ичимизга сиғдира олмай қоламиз.
«Бизнинг халоскоримиз қайтиб келди!» — хитоб қиламиз биз.
Шунда бизнинг саёҳатимиз ниҳоясига етади. Биз Унинг базмидан… мангуга жой эгаллаймиз.
Унинг дастурхони атрофида кўришамиз.
Мустақил ўрганиш учун қўлланма
1-боб. Ҳақиқат бўлиши учун жуда эрта, жуда кеч, жуда яхши
А. Ўзингиз алоҳида иш учун танланганингиз тўғрисидаги воқеани сўзлаб беринг. Ўшанда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз? Эсингизда энг кўп қолган нарса нима? Сиз таклиф қилинишни жуда хоҳлагансизу аммо сизни таклиф қилмаган ҳолатлар ҳам бўлганми? Агар шундай ҳолатлар бўлган бўлса, сиз ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
Б. Матто 20:1–16 ни ўқинг. Ўзингизни, ишчилардан бирининг ўрнидаман, деб тасаввур қилинг. Агар сиз кун бошида ёлланган ишчи бўлсангиз, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Агар сизни соат 11 га яқин ёллашган бўлса-чи? Исо 13-оятдан 15-оятгача хўжайиннинг сўзларини келтириб бизга нима демоқчи? Хушхабарнинг эзгу хабари 16-оятда қандай ифодаланган?
А. Ўзингизни, ҳеч кимга керак эмасман, қўлимдан ҳеч нарса келмайди, деб ҳис қилганмисиз? Бунинг сабаби нима бўлган эди? Нима деб ўйлайсиз: ўзингизга ўзингиз берган шундай баҳонгизга бу китобнинг муаллифи нима деган бўларди?
Б. Юҳанно 1:43–51 ни ўқинг. Нега одамлар орасидан кимдир, Исонинг қўлидан бирон иш келмайди, деб ҳисоблаган? (46-оят) Масиҳ шу баҳога қандай қараган?
В. 1 Коринф.1:26–29ни ўқинг. Коринфдаги жамоат қандай одамлардан ташкил топган эди? Бу оят одамларга Раббийнинг баҳоси ҳақида нима дейди? 29-оятга кўра, ана шундай нуқтаи назарнинг сабаби нимада?
А. Ҳамма унутган одамларга Раббий бошқача ғамхўрлик қилишини сезганмисиз? Агар шундай бўлса, айнан нимани сезганлигингизни тасвирлаб беринг.
Б. Ёқуб 1:27 ни ва 2:5 ни ўқинг. Бу иккита оятда Раббий ҳамма унутган ва ташлаб кетган одамларга алоҳида ғамхўрлигини қандай ифодалаган? Биз ана шундай одамларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Нима учун?
В. Матто 11:19 ни ўқинг. Исони қандай одамлар даврасида тез-тез кўриш мумкин бўлган? Ўз рақибларининг ҳужумларига У қандай жавоб беради? Бу бизга Раббий ҳақида ва Унинг ҳамма унутган одамларга нисбатан алоҳида ғамхўрлиги ҳақида нималарни билишимизга ёрдам беради?
А. Рим. 9:10–16ни ўқинг. Худо нима учун Исҳоқни танлагани ҳақида ҳаворий Павлус нима дейди? Исҳоқда Худога керак бўладиган нима бор эди?
Б. Қонунлар 7:7–8ни ўқинг. Бу оятда Худо Исроилга бўлган севгиси сабабини қандай тушунтиради? Нега у Исроилни танлади? Худо Исроилни танлагани билан бизни танлагани ўртасида қандай ўхшашлик бор?
А. Агар сиз Исога ўзингизнинг халоскорингизга ишонгандай ишонсангиз, танланган бўлиш нима экани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу ҳақда ўйлаганингизда, дилингизда қандай туйғулар пайдо бўлади?
Б. Эфес. 1:11–12 ва 1 Бут. 2:9 ни ўқинг. Бу оятларда Худо томонидан танланган бўлиш нима экани ҳақида нима дейилган? Бу қандай ўзгаришларга олиб келади? Худо бизни танлагани бизнинг ҳаёти тарзимизга қандай таъсир кўрсатиши керак? Шу билан сизнинг ҳаёт тарзингиз ўзгардими? Нима сабабдан?
2-боб. Ерихондан Қуддусга
А. Матто 20:17–19ни ўқинг. Ушбу оятларда Масиҳ жанг қилиши керак бўлган уруш қандай тасвирланади? У Худонинг сўзини юрагида қандай асраган? Сиз Ундан намуна олиб, Худонинг сўзига қандай риоя қилишингиз мумкин?
Б. 1 Шоҳ. 17:45–47-оятларни ўқинг. Довуд қалбида Худо сўзини асраб, Гўлиётга қарши қандай жанг қилди? Довуднинг ўзи 45-оятдаги бу жангни қандай тасвирлайди? 47-оятга кўра, биз ҳаётимиздаги ҳар қандай жангда қандай қилиб ғалабага эришишимиз мумкин? Ишларимиз эътиқодимиз ёки эътиқодсизлигимиздан қандай далолат беради? Ишларимиз нимани кўрсатади?
А. Нима сабабдан одамнинг қандай ўлишига қараб у ҳақда кўп нарса билиб олишингиз мумкин? Бирон одам ҳақида унинг ўлимига қараб кўп нарса билганмисиз? Луқо 9:51ни ўқинг. Бу оят ҳамда Масиҳнинг ўлими ҳақидаги сизга маълум тафсилотлар У ҳақда нима дейди?
Б. Юҳанно 15:13ни ўқинг. Бу оят Масиҳнинг сизга бўлган севгиси ҳақида нима дейди? Шу ҳақда ўйлаганингизда, ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
А. Луқо 18:31–34ни ўқинг. Юз берадиган воқеалар ҳақида Исо шогирдларига нима деди? Агар 31-оятга қарасак, нима учун бу воқеа юз бериши керак эди?
Б. Ҳаворийлар. 2:22–23 ва 4:27–28ни ўқинг. Бу оятлар сизга Масиҳнинг ўлими ҳақида нима дейди? Луқо 18:31–34 да ёзилган сўзларни Масиҳ айтганда, шогирдлари тушунмаган эдилар, кейинчалик улар шу сўзларнинг маъносини тушундиларми? Агар тушунган бўлсалар, ўша сўзлар туфайли уларда қандай ўзгаришлар юз берди? Шуни англаш натижасида ўзингизда қандай ўзгаришлар бўлишини кутасиз?
В. Юҳанно 10:14–18 ни ўқинг. Исо бу оятларда «қўйлар» деганда кимларни назарда тутади? Исо улар учун қандай ваъдалар беради? Хочга михланиш ҳақида 18-оят сизга нима дейди? Шу оятлар ва муаллифнинг юқоридаги парчада ёзганлари ўртасида қандай умумийлик бор?
3-боб. Ўзини қурбон қилган генерал
А. Ўзингизга маъқул келадиган баъзи ҳукмдорлар ёки ҳукумат одамлари ҳақида ўйлаб кўринг. Бошқалар қилган хатоларнинг масъулиятини улар ўз зиммаларига олганмилар? Агар олган бўлсалар, бир неча мисоллар келтиринг. Нима учун биз бошқаларнинг хатолари учун масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз қийин? Эйзенхауэрнинг қилган иши нимаси билан Масиҳ қилган ишга ўхшайди? Уларнинг фарқи нимада?
Б. Матто 20:25–28 ни ўқинг. Одам қандай қилиб буюк бўлади? Қандай қилиб у биринчи бўлади? Нима учун Масиҳ бундай ишнинг буюк намунаси бўла олади? Биз Ундан нимада намуна олишимиз керак? Шу ҳафтада Ундан қандай намуна олишимиз мумкин?
В. Рим. 5:6–8 ни ўқинг. Масиҳ ким учун ўлди? Нима учун Масиҳнинг ўлими бизга бўлган Унинг ақл бовар қилмайдиган севгисига гувоҳ бўлиб хизмат қилади? Китоб муаллифи шу бобда ёзганларининг моҳиятини бу парча қай тарзда ифода этади?
А. Сизга нима тўғрисида фикр юритиш осонроқ — Худонинг муқаддаслиги ҳақидами ёки Унинг севгиси ҳақидами? Нима учун? Тушунтириб беринг. Худонинг бу икки хусусияти бирикмасини хоч қандай ифодалайди?
Б. Рим. 3:25–26 ни ва 11:22 ни ўқинг. Бу оятлар ана шу бобда ёзилганлар билан қанчалик мос келади? Хоч қандай қилиб ҳам Худо адолати учун, ҳам Унинг севгиси учун хизмат қилади?
А. Масиҳ қай маънода бизнинг гуноҳларимизни ювувчи бўлди? Унинг ўлими дўсти учун ўлиши мумкин бўлган бошқа бир одамнинг ўлимидан нимаси билан фарқ қилади?
Б. 2 Коринфликлар 5:21 ни ўқинг. Бу оятдаги фикр муаллифнинг юқорида келтирган сўзларига ҳамоҳангми? Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун нима сабабдан қурбон бўлгани ҳақида бу оят нима дейди?
В. Галат. 3:13–14 ни ўқинг. Масиҳ қандай қилиб бизни Қонун лаънатидан халос қилди? 14-оятга кўра, У нима сабабдан шундай қилди? Нима сабабдан Унинг хочдаги иши биз учун марҳамат ҳисобланади? Бу сиз учун ҳам марҳаматми? Жавобингизни изоҳлаб беринг.
4-боб. Майиб-мажруҳ эътиқод
А. Сиз ҳаётда «майиб-мажруҳ эътиқод»га дуч келганмисиз? Агар шу юз берган бўлса, бу қандай содир бўлган? Бу одамларга қандай таъсир кўрсатган эди? Сизда қандай таассурот қолдирди? Агар бу вазият сизни қандайдир иш қилишга ундаган бўлса, сиз айнан нима қилдингиз?
Б. Матто 20:29–34 ни ўқинг. Нима учун оломон ичидаги одамлар кўрларга Исонинг номини айтиб чақиришни таъқиқлаб қўйганлар? Сиз ўша кўрлардан бири бўлиб қолганингизда, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Масиҳнинг саволига жавоб аниқ бўлиб туюлади — нима сабабдан У бу саволни берди? Кўрлар кўзлари очилгандан кейин нима қилдилар? Улар нега бундай қилдилар?
В. Ҳизқиё 34: 1–10 ни ўқинг. Бу парчада Ҳизқиё Худонинг халқи йўлбошчилари ҳақида гапириб, «чўпонлар» сўзини ишлатади. Чўпонларнинг муаммолари нимада? Одамлар Раббийга келишлари учун улар ёрдам берадиларми ёки тўсқинлик қиладиларми? Худо бу чўпонларга қандай муносабатда бўлади? У қандай жавоб қилади? Бу парча муаллифнинг юқорида келтирилган сўзларини тасдиқлайдими ёки уларга қаршилик қиладими?
А. Баъзида биз юрагимиз ҳолатидан кўра, ташқи кўринишимиз ёки регламентга риоя қилиш ҳақида кўпроқ қайғурамиз. Бундай ҳолат нималарда ўз ифодасини топиши мумкин? Нима сабабдан бундай янглишиш осон? Биз қандай қилиб бунга чап беришимиз мумкин?
Б. 2 Солномалар 30:18–20 ни ўқинг. Бу парчада сўз юритилаётган одамлар қандай муаммога дуч келдилар? Бу муаммо қандай ҳал қилинди? Худо одамларга нима деб жавоб берди? Нега?
В. Ишаё 29:13 ни ўқинг. Худо нимадан норози? Агар одамнинг қалби Худодан узоқ бўлса, бу нимада намоён бўлади? Муаллифнинг юқоридаги сўзлари бу оятга мосми?
Г. Забур 51:16–17 ни ўқинг. Ушбу парчадаги фикр китоб муаллифининг юқорида келтирган сўзларига ҳамоҳангми? Бизнинг қандай қурбонликларимиз Худога керак? Нима учун тўғри маънодаги қурбонлик келтиришдан кўра, бундай қурбонлик келтириш қийин? Сизнинг ҳаётингиз Худонинг бу истагига мос келадими?
А. Китоб муаллифи юқорида келтирилган парчада қандай кўриш ҳақида гапирган?
Б. Матто 16:1–3 ни ва Луқо 8:10 ни таққосланг. Кўз яхши кўра олиши мумкинлиги, аммо шу билан бирга, руҳан кўр бўлиш мумкинлигини бу парчалардаги нима билдиради? Одам ўзининг руҳан кўра олиш қобилиятини қандай яхшилай олиши мумкин?
В. 1 Коринфликлар 1:28–29 ни ўқинг. Бу парчанинг китобдан олинган иқтибос билан қандай ўхшашлиги бор? Улар 29-оятда нималарга эътибор қаратишлари керак? Унда руҳан кўзи ожизлик ҳақида нима дейилган?
5-боб. Ҳеч нарса қилиш керак эмас. Бирпас тўхтанг
А. Муаллиф: «Биз бегона юртдамиз», деганда нимани назарда тутган? Нима сабабдан Шаббатни ўзимизга келиб оладиган кун деймиз? Шаббат нимага бағишланган бўлиши керак?
Б. Чиқиш 20:8–11 ни ўқинг. Шаббат куни «муқаддаслаштириш» нима дегани? 11-оятга кўра, биринчи бўлиб бу кунни ким муқаддас қилди? Нима сабабдан шу куни умуман иш қилмаслик керак, деб буюрилган? Ҳафтанинг еттинчи куни сиз ҳамма ишларингиздан тинасизми? Нима учун?
В. Забур 121:1 ни ўқинг. Нима учун Забур хонишчиси «хурсанд бўлиб кетди»? Ушбу оят юқорида келтирилган муаллиф сўзларига нимаси билан ўхшайди? Забурда нима дейилгани сизга танишми? Нима учун?
А. Нима сабабдан «Масиҳ, кўп иши бўлишига қарамай тўхташ ва сукунатда бўлиш учун вақт топди»? Агар Унга бу зарур бўлса нега биз бизга бу керак эмас, деймиз? Биз шанбани назаримизга илмасак, нима юз беради? Бундай ҳолатларда сизга нима бўлади?
Б. Луқо 4:16ни ўқинг. Бу оятга кўра, Масиҳ одатда шанба куни нима қилган? Биз ҳам шундай қилишимиз муҳимми? Агар шундай бўлса, айнан қандай қилиб?
А. Сиз учун «Тезликни камайтириш» осонми? Ўз жавобингизни изоҳлаб беринг. Муаллиф: «Худо олдингидай сизга ун ёғдиради. Унга ишонинг» деганда нимани назарда тутган? Бизнинг ишга «йўқ», Худога сиғинишга «ҳа» дейишни хоҳламаслигимизнинг сабаби Худо бизга ун ёғдиришига ишонмаслик бўлиши мумкинми? Агар шундай бўлса — унда биз қандай қилиб ўзгарамиз?
Б. Забур 91:1–9 ни ўқинг. Бу сано нима деб аталади? У қандай кун учун ёзилган? Бу нимани билдиради? Бу сано ким ҳақида? Бу санонинг мавзусига Забур куйловчининг муносабати қандай? Сизнинг шу мавзуга муносабатингиз қандай?
В. Луқо 10:38–42ни ўқинг. 42-оятга кўра нима энг муҳим нарса? Нима сабабдан Масиҳ буни «яхши улуш» деб атайди? Бу ерда сизнинг танловингиз ҳақида гап бораётганлигига эътибор беринг. Сиз нимани танлайсиз? Бу «яхши улуш» қандай маънода уни танлаганлардан тортиб олинмайди?
А. Айтинг-чи, сиз қандай қилиб «доимо уфқда турган хочга қарай оласиз»?
Б. Иброний. 12:2–3ни ўқинг. Биз кимга боқишимиз керак? Бунинг натижаси нима бўлади? Агар бизнинг назаримиз (нигоҳимиз) тўғри йўналишда бўлмаса, бу қандай оқибатларга олиб келади? Агар биз чарчаганимизни ёки «руҳан заифлашганлигимизни» сезсак, бунинг сабаби шу эмасми?
В. Заб. 61:1–3, 6–9ни ўқинг. Довуд қаерда хотиржам бўла олади? Нега у буни таъкидлаб айтади? 6-оятда Довуд кимга насиҳат қилади? Нега бу шунчалар муҳим? Нима сабабдан у бир нарсани бир неча марта такрорлайди? 9-оятда у кимга насиҳат қилади? У уларни нима қилишга ишонтиради? Бизнинг нима сабабдан муҳим эканлигимизни у қандай тушунтиради?
Г. Ўзингизнинг «шанба кунингиз» ҳақида ўйлаб кўринг. Сиз етти кундан биттасини доимо дам олиш ва кўзларингизни Худога тикиш (нигоҳингизни Худога қаратиш) учун бағишлайсизми? Агар «йўқ» бўлса, нима сабабдан? Агар «ҳа» бўлса, сизнинг таассуротларингиз 91 — санода ёзилган нарсаларга ўхшайдими? Ўз «шанба кунингизда» ўзгартиришни хоҳлайдиган нарсангиз борми? Агар шундай бўлса, нимани айнан ўзгартиришни хоҳлаган бўлардингиз?
6-боб. Таваккал қиладиган севги
А. Сиз бу аёл қилган иши ҳақида биринчи марта ўқиганингизда, қандай ҳолатга тушганингизни айтиб беринг. У қилган ишни аҳмоқона деб ҳисобладингизми? Ҳаддан ташқарими? Чуқур маънога эгами? Таъсирчанми? Севги мантиқсиз деб айтса бўладими? Унда муаллиф севги мантиққа бўйсунмайди деганда, нимани назарда тутган?
Б. Юҳан. 12:1–8ни ўқинг. Сиз ўзингизни шу ҳикоя қаҳрамонларидан кимга ўхшатасиз? Нима учун? Марямнинг қилган иш қандай маънода қалтис эди? Сиз ўзингизнинг ана шу маънода қалтис деб ҳисобланувчи ишларингизга мисоллар келтиринг.
В. Мат. 26:6–13ни ўқинг. Бу аёл қилган иш нимаси билан чиройли ? У қилган иш қандай қилиб бўлаётган воқеаларнинг рамзига айланди? Нима сабабдан Масиҳ 13-оятда ёзилган сўзларни айтган?
А. Қандай дақиқаларни «ўйланмаган ва исрофгар севги вақти» деб аташ мумкин? Шундай вақтларни тасвирланг. Сиз қачон шундай севгини намоён қилишга қарор қилдингиз? Бунинг натижаси қандай бўлди? Агар ҳаммаси қайтадан такрорланса, яна шундай қилган бўлармидингиз? Нима учун?
Б. Ҳик. 3:27–28ни ўқинг. Бу оятларда севгини намоён қилиш имкониятларини қадрлаш кераклиги ҳақида нима дейилган? Сизнинг бунга муносабатингизда ниманидир ўзгартириш керак бўлса, сиз айнан нимани ўзгартира олардингиз?
В. Филип. 2:25–30ни ўқинг. Бу парчада хавфли севги деганда нима кўзда тутилган? Нима учун хатарга қолиш керак бўлиб қолди ва бу хавфнинг натижаси нима бўлди? Сизнингча, бундай вазиятда хавфга бориш керак эдими? Нима сабабдан?
А. Ишбилармонликнинг нархи қандай маънода баъзида барча ўйланмаган чиқимлардан юқори бўлади? Сиз «қалтис севги доимо биз қурбон қилган нарсалардан бир неча марта ортиқ бўлган дуолар билан мукофотланишига» ишонасизми? Нега?
Б. Луқо. 6:32–35ни ўқинг. Масиҳ бу парчада санаб ўтган қалтис севгига бир нечта мисоллар келтиринг. Ушбу ҳолатларнинг ҳар бирида хавф айнан нимада эди? Нима сабабдан У бизни хавфга боришга ундайди? Агар биз шундай хавфга боришга тайёр бўлсак, бизни қандай мукофот кутади?
А. Ҳозир сизда хавфли севги учун қандай имкониятлар бор? Уларни санаб беринг. Сизга хавфли қадамни қўйишга нима тўсқинлик қилади? Муаллифнинг: «Агар сиз ўзингизга берилган имкониятни қўлдан бой бермасангиз, бу сизга қувонч олиб келади. Агар бой берсангиз — сиз бундан пушаймон бўласиз» деган сўзлари ҳақида сиз нима деб ўйлайсиз?
Б. Ёқуб 4:17ни ўқинг. Бу оятда хавфли севги ҳақида бирон нима борми? Сизни бунга муносабатингиз қандай?
7-боб. Эшакдаги одам
А. Сизга муаллифнинг нима ҳақда ёзганлиги танишми? Агар шундай бўлса, бу сизнинг ҳаётингизда айнан қандай кўринишда? Ҳаётингизда шундай туйғуни ҳис қилган биронта воқеани айтиб беринг.
Б. Мат. 21:1–7ни ўқинг. 3-оятга кўра, хўтикчанинг эгаси Исонинг сўзларига қандай тезликда жавоб қайтариши керак эди? Нега у шундай қилди? Сиз ҳам худди шундай қиласизми? Нима сабабдан?
В. Матто 21:3 ва Забур 49:9–12, Ҳаворий. 17:24–25ларни таққосланг. Ушбу оятларга кўра Худо биздан нима истайди? Бизнинг нимамизга у жуда муҳтож? Унда Масиҳга хўтикча керак бўлганлиги ҳақидаги сўзларни қандай тушуниш керак? У биздан ўзимизда бор нарсани Унга беришни сўраётганида нега бизга ҳурмат кўрсатяпти?
А. Ўз «хўтикчаларингиз»ни назоратдан ўтказинг. Улардан қайси бири Масиҳга ва Унинг ишига хизмат қила олиши мумкин? Сизда қандай истеъдодлар бор? Сиз қандай ресурсларга эгасиз? Қандай талантлар ёки қобилиятлар соҳибисиз?
Б. Рим. 12:6–8ни ўқинг. Шу парчанинг руҳини ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Бизда қандай қобилият бўлмасин, пайғамбар Павлус ундан фойдаланишни илтимос қилади. Сизда юқорида санаб ўтилган қобилиятлардан биронтаси борми? Сиз улардан фойдаланасизми?
В. Матто 25:14–30ни ўқинг. Сиз шу парчадаги учта хизматкорнинг қайси бирига кўпроқ ўхшайсиз? Нима сабабдан? Битта-иккита қул ўз хўжайинининг қандай туйғуларига сабаб бўлишди? Учинчи қул-чи? У ўз хўжайинининг қандай ҳисларига сабаб бўлди? Масиҳ ҳикоя қилиб берган бу ҳикоянинг асосий ғояси нима?
А. Нима сабабдан биз баъзида Худо бизда бор нарсадан фойдаланишни истаётганлигини билиб иккиланамиз? Сиз нима деб ўйлайсиз: сизнинг эшакларингиздан қайсисини Худо эгаллашни хоҳлаши мумкин? Бу ҳақда қандай фикрда эканлигингизни айтиб беринг.
Б. 2 Кор. 9:7ни ўқинг. Бу оят «ўз эшагини Худога бериш»га қандай аҳамияти бор? «Кўнглида ният этганини берсин» дегани нимани билдиради? Қандай қурбонлик қилиш ёмонроқ: «норози бўлибми» ёки «мажбурият биланми»? Нима учун Худо «рози бўлиб берганни» яхши кўради?
А. Нима сабабдан Худо Ўз шон-шуҳрати учун биринчи қарашда арзимас бўлган нарсалардан фойдаланади? Нега У муҳим ва буюк деб ҳисобланадиган нарсаларга эътибор бермайди? Сиз «кичикроқ» бирон нарсани Унга беришга тўғри келганда, бу нарса сизга арзимас ва унча яхши бўлиб туюлмаганлиги учун беришга иккиланганмисиз?
Б. Ермиё 9:23–24ни ўқинг. Нима сабабдан донишмандлар ўз ақллари билан, кучлилар ўз кучлари билан, бойлар ўз бойликлари билан мақтанмасликлари керак? Бу парча ва юқорида келтирилган муаллифлар сўзлари орасида қандай ўхшашлик бор?
В. Ҳакам. 7:1–8ни ўқинг. Сиз нима деб ўйлайсиз: нима сабабдан Худо Гедион армияси лашкари сонини ўттиз икки мингдан ўн минггача, кейин эса уч юзтагача туширди? Худонинг кичик ва аҳамиятсиз туюлган нарсалардан фойдаланишга мойиллиги нимани билдиради?
8-боб. Савдогарлар ва кўзбўямачилар
А. Дин пешволари Худо номи билан одамларни ўйнатганликларини эслашга ҳаракат қилинг. Улар нима қилганлар? Уларга нима бўлган? Одамларга-чи? Бу воқеаларда нимани «Худо ғазабининг олови» деб аташ мумкин?
Б. Мат. 21:12–17ни ўқинг. Нима Масиҳнинг ғазабига сабаб бўлди? Бу сизга Исо ҳақида нима дейди? Бунинг сизнинг ҳаётингизда қандайдир тааллуқли томони борми? Агар жавобингиз ижобий бўлса, қандай?
В. Титус. 1:10–11ни ўқинг. Ҳаворий Павлус «жирканч манфаат йўлида… ўқитаётганларни» қандай тасвирлайди? Бу одамлар нима қиладилар? Агар биз шундай ҳодисаларга дуч келсак, нима қилишимиз керак?
А. Эътиқодга тааллуқли нарсаларга — китобларми, мақолаларми, телевидение ёки радиоэшиттиришларими ёки шахсан суҳбатларда эшитган сўзларингизми — қай даражада талабчан бўлишга ҳаракат қиласиз? Талабчанроқ бўлишингизга яна нима ёрдам беради? Агар сиз хавфли бирон нарсани сезсангиз, одатда нима қиласиз?
Б. 1 Тим. 6:3–11 ни ўқинг. 5-оятда ҳаворий Павлус, художўйлик фойда олиш учун хизмат қилади, деб ўйлайдиганларни қандай тасвирлайди? 6-оятда у нимани «катта фойда» деб атайди? Бойиб кетишга интилиш қандай муаммоларга олиб келиши мумкин (9-оят)? Пулпарастларга муносабат қандай бўлди? Бундай ҳодисаларга биз қандай муносабатда бўлишимиз керак (11-оят)?
В. Рим.16:17–18 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус 17-оятда художўйлардан нимани илтимос қилади? Сиз унинг насиҳатларига қараб иш кўрасизми? Шу масалада сиз қанчалик зийраксиз?
А. Сиз нима деб ўйлайсиз: нима сабабдан кўпинча «Маъбадга яқин турганлар» аслида ундан узоқда бўладилар? Баъзан у сизнинг ҳам шахсий муаммонгиз бўладими?
Б. 1 Салоника. 5:21 ни ўқинг. Бу оятда бизга қандай амр берилган? Биз уни қандай амалга оширишимиз мумкин?
В. Ҳаворийлар 20:28–35 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус Эфесдаги имонлиларни нимага даъват қилади (28-оят)? Ушбу вазиятда Худо халқи учун энг яхши ҳимоя нима (32-оят)? Павлус ўзининг самимийлигига гувоҳ қилиб нимани келтиради (33–34-оятлар)? Унинг Масиҳ сўзлари (35-оят) бировнинг таълимотини баҳолаш учун қандай қилиб мезон бўлиб хизмат қилади?
9-боб. Орзу қилиш жасорати
А. Сиз тез-тез орзу қиласизми? Агар сизга орзу қилиш қийин бўлса, бунинг сабаби нимада? Агар сиз орзу қилсангиз, нима ҳақда орзу қиласиз?
Б. Ишаё 43:18–19 ни ўқинг. Сизга бу оят Худонинг янгиликларга севгиси ҳақида нима дейди? Нима учун У бизга эслатиш учун шундай аломат бериши керак бўлди?
В. 2 Коринфликларга 5:17 ни ўқинг. Нима учун масиҳийлар янги ижод эканликларини унутмасликлари лозим? Бу нимани ўзгартиради?
А. Матто 21:18–22 ни ўқинг. Исроилнинг диний йўлбошчилари нима билан 18 ва 19-оятларда ҳикоя қилинадиган анжир дарахтига ўхшаб кетардилар? Сизни ҳам шундай сўзлар билан тасвирлаш мумкин бўлган ҳоллар бўлганми? Сиз ҳозир ўзингизни қондай «анжир дарахти» деб атай оласиз?
Б. Луқо. 18:9–14ни ўқинг. Исо айтиб берган воқеа қаҳрамонларидан қай бирининг эътиқоди «илиқ» эди? Кимнинг эътиқоди самимий эди? Масиҳ бу одамларнинг ҳар бири ҳақида нима дейди? Сиз уларнинг қайси бирига ўхшайсиз?
В. Ваҳий 3:15–16ни ўқинг. Масиҳ «илиқ» жамоатга қандай муносабатда бўлади? Нима сабабдан у шундай ифодали иборалардан фойдаланади? «Илиқ» эътиқодли одам нимаси билан ажралиб туради?
А. Эътиқодга ишонч ва Худога ишонч ўртасида қандай фарқ бор?
Б. Ибтидо 18:23–25ни ўқинг. 25-оятдаги Иброҳимнинг саволига эътибор қилинг. У қандай жавобни кутади? Сиз ҳам шундай жавобни кутасизми? Бундай вазиятда сиз Худодан қандай жавобни кутишингиз керак?
В. Аюб 19:25–27ни ўқинг. Аюб оғир руҳий азобларни бошидан кечиради. У нимага қатъий ишонади.? Нимани кутади? Кимга ишонади? Унинг дунёқарашига шу умидлари қандай таъсир ўтказади?
Г. 2 Тим. 4:7–8ни ўқинг. Павлуснинг ҳаёти охирида бўлган буюк умиди нимадан иборат эди? Ҳаворий кимга суянади? У уйга бора олишини кутадими? Сиз ҳам шуни кутасизми?
А. Сиз, муаллиф ушбу парчада эслатган нарсалардан биронтаси билан чекланганман, дея оласизми? Агар шундай бўлса, айнан нима билан? Сиз шу кишанлардан озод бўлишингиз учун нима керак бўлади?
Б. Иброний. 2:14–15ни ўқинг. Ушбу парчага кўра, Масиҳ нима сабабдан одам бўлди? У биз учун айнан қандай озодликни қўлга киритди (15-оят)?
В. Матто 11:28ни ўқинг. Бу оятга биноан биз қаерга учишимиз керак? Сиз қандай қилиб буни амалда бажара оласиз? Нима сабабдан?
10-боб. Қадоқлар ва шафқат ҳақида
А. Агар сизнинг болаларингиз бўлса ва уларни сотиб олиш зарурати туғилса, сиз қандай нархни беришга тайёрсиз? Буни амалга ошириш учун сиз қандай куч сарфлаган бўлардингиз? Қандай ишларни қилган бўлардингиз?
Б. Матто 18:12–14ни ўқинг. Йўқолган қўйни топиш учун одам нималар қилади? Бу воқеа нимаси билан Худо қилаётган ишларига ўхшайди?
В. 1 Юҳан 3:16ни ўқинг. Бу оятда Юҳанно севгини қандай тасвирлайди? Бу оятнинг юқорида келтирилган парчада муаллиф айтганлари билан қандай ўхшаш томонлари бор?
А. Сиз ҳозир Худони қандай тасаввур қиласиз? Унинг бу тимсоли доимо шундай бўлганми? Агар сизнинг Худо ҳақидаги тасаввурингиз ўзгарган бўлса, қандай ўзгарди — айтиб беринг. Худо сиздан жуда узоқда бўлиб туюлган вақтлар бўлганми? Агар шундай бўлса, ўшандан бери тасаввурингиз қандай ўзгарди?
Б. Забур 138:1–12ни ўқинг. Ушбу парчага кўра, ҳозир Худо сизга қанчалар яқин? Бу сизда қандай туйғуларни чақиради?
В. Иброний. 10:19–23ни ўқинг. Биз Худога ишонч билан яқинлашишимизга нима ёрдам беради (19 оят)? Биз қандай қилиб Масиҳ орқали Худога кела оламиз (22 оят)? Нима сабабдан биз «имон келтириб топган умидимизни иккиланмай маҳкам тута оламиз»?
А. Худо бизга гапираётганларини эшитишдан доимий равишда бош тортишингиз нималарда ифодаланади? Биз қандай қилиб Унинг сўзларини эшитмаслигимиз мумкин? Муаллиф У бизнинг рад қилишимизга жиддий муносабатда бўлишини айтиб нимани назарда тутган?
Б. Забур 102:8–14ни ўқинг. Бу парчада Худонинг биз қилган хатоларга муносабати ҳақида нима дейилган? 14-оят бизга 10-оятда айтилганларни тушунишимизга қандай ёрдам беради? Энди Забур 129:3–4ни ўқинг. Агар Худо бизнинг гуноҳларимизни рўйхат қилса, сиз Унинг олдида ўзингизни қандай ҳис қилишингиз мумкин? Ушбу парчага биноан биз нима сабабдан Худони ҳурмат-иззат қилишимиз керак?
В. Матто 21:33–46ни ўқинг. Ер эгасини чидамли одам дейиш мумкинми? Нима учун? Масиҳ бу воқеани ҳикоя қилаётганда бизга нимани айтмоқчи бўлади? Нега олий руҳонийлар ва фарзийлар бу ҳикоя ўзлари ҳақида эканлигини тушундилар (45 оят)?
А. Нима деб ўйлайсиз: Нима сабабдан Худо эшикни қаттиқроқ тақиллатмаяпти?
Б. Ҳизқиё 33:11ни ўқинг. Худонинг гуноҳкорларга нисбатан мақсади қандай? Улар ўз гуноҳларини ташлашлари кимга боғлиқ? Бу нимага олиб келади? Агар улар гуноҳларини ташламасалар нима бўлади?
В. Ёқуб 4:8ни ўқинг. Ёқуб тасвирлаган ўша жараёнда бизнинг ролимиз қандай? Худонинг роли қандай? Натижалар қандай?
11-боб. Сиз таклиф қилингансиз
А. Мат. 22:1–14ни ўқинг. Бу парчада неча марта таклиф қилиш ҳақида гап боради? Бу сизга ҳикоятнинг мазмуни ҳақида нима дейди? Одамларни ким таклиф қилади? У кимнинг вакили?
Б. Қонунлар 30:15–16, 19–20ни ўқинг. Худо исроилликларга қандай танловни беради? Уларнинг танловлари оқибатлари қандай бўлди? У одамлардан қандай танловни кутарди?
А. Биз Отанинг таклифига тушунарсиз ва мужмал жавоб берсак, Ота нималарни ҳис қилади? Агар сиз шундай жавоб олганингизда ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Сиз бунга қандай муносабатда бўлардингиз?
Б. Луқо 14:16–24ни ўқинг. Таклиф қилинганлар ўзларининг тўйга келишни рад қилганликларини қандай асосладилар? Сиз ўзингиз шундай баҳоналар қилганмисиз ёки кимдандир шундай баҳоналарни эшитганмисиз? Биз ўзимиз Худо таклифини рад қилганимизни қандай асослаймиз? Баъзи бировлар ўзининг таклифини рад қилганларини билиб хўжайин бунга қандай қаради? Исо бизга нима демоқчи бўлган?
А. Қандай қилиб сизнинг Худо таклифини қабул қилиш қарорингиз Уни билишга ёрдам беради? Одамларга Худо таклифига жавоб беришларига нима ҳалақит беради?
Б. 2 Тим. 3:7ни ўқинг. Бу оятдаги фикр ва юқорида келтирилган муаллиф сўзларининг умумий томонлари борми? Ҳаворий Павлус ёзган вазиятга бир нечта мисоллар келтиринг.
В. Матто 7:24–27 ва Ёқуб 1:22–25ни ўқинг. Бу келтирилган парчаларнинг барида қандай умумий фикр бор? Бу парчаларда огоҳлантирилган хатоларга йўл қўйиш нега бунчалар осон? Сиз ўзингиз шу тарзда ҳеч адашганмисиз? Агар адашган бўлсангиз ўз хатоларингизни қандай бартараф қилгансиз?
А. Муаллифнинг саволига жавоб беринг. Худо сизга қарата қилаётган таклифига сиз қандай жавоб берасиз?
Б. Ишаё 55:1–3, 6–7ни ўқинг. Худо ушбу парчада гапираётган таклифнинг моҳияти нимада? Таклиф қилинганлар кимлар? Худо нимани таклиф қиляпти? У бизга қандай марҳаматларни ваъда қиляпти? Унинг бу таклифига сиз жавоб бердингизми?
В. Рим. 10:9–13ни ўқинг. Ушбу парчада сўз борадиган таклифнинг моҳияти нимада? Одам қандай қилиб бу таклифни қабул қилиши мумкин? Уни қабул қилганларга қандай марҳаматлар ваъда қилинган? Ким бу таклифни қабул қилиши мумкин? Сиз уни қабул қилдингизми?
12-боб. Лаблар — лабларга қарши
А. Сиз учун бу сўзлар нимани англатади? Сиз ушбу сўзларга қўшиласизми? Нега?
Б. Мат. 21:23–27ни ўқинг. 27-оят юқорида келтирилган муаллиф сўзларига ўхшайдими?
В. Юҳанно 12:42–43ни ўқинг. Ушбу парчада сўз борадиган бошлиқларнинг асосий муаммоси нима? Юқорида келтирилган маслаҳатни эшитиш улар учун фойдали бўлармиди? Уларнинг ишлари натижаси қандай бўлди?
Г. 1 Кор. 11:1ни ўқинг. Ҳаворий Павлус бу сўзларни ёзаётганда, Унинг диққат-марказида нима туради? У қаерга орқасини ўгирган: «оркестргами» ёки «томошабинларгами»? Сиз бошлиқ бўлган вақтингизда — уйда, ишда ёки бошқа вазиятларда — бу оятни эсда тутасизми? Ушбу оят қандай қилиб сизнинг бошлиқ сифатидаги ҳаракатларингизни ўзгартириши мумкин?
А. Хушомад билан боғлиқ асосий муаммо нимада? Одамлар сизни бирон ишни қилишга мажбур қилишлари учун сизга хушомад қилганларида, сиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
Б. Матто 22:15–22ни ўқинг. Нима сабабдан 16-оятда ёзилган сўзларни очиқ-ойдин қилинган хушомадга мисол деб айта оламиз? Унга Масиҳ қандай қарайди? Нега У бундай одамларни хушомадгўйлар деб атайди?
В. Забур 11:4 ва Ҳикматлар 28:23ни ўқинг. Ушбу парчаларга кўра, Худонинг хушомадга муносабати қандай? Нима сабабдан Худо фош қилишни хушомаддан яхшироқ деб ҳисоблайди?
А. Сиз ҳам муаллиф ёзаётган вазиятнинг гувоҳи бўлганмисиз? Бўлган бўлсангиз бу ҳақда айтиб беринг. Нима воқеа юз берди?
Б. Рим. 14:19–22ни ўқинг. Биз баҳсли муаммолар устида жанжаллаша бошлаганимизда пайдо бўладиган асосий муаммо нимадан иборат (20 оят)? Биз ўзимизнинг «кичик ҳудудларимизга» нисбатан нима қилишимиз керак (22-оят)? Биз шунга ўхшаган вазиятларга қандай муносабатда бўлишимиз керак (19-оят)?
В. 1 Кор 1:10–17ни ўқинг. Қандай қилиб коринфликлар муаллифнинг юқорида келтирилган парчада ёзган хатосининг қурбонларига айландилар? Агар биз арзимас келишмовчиликларга Масиҳ Танасини бўлишга имкон берсак нима бўлади (17-оят)? Бу қандай содир бўлади?
А. Сиз учун «бир оз вақтга ўз ҳудудингиз чегарасидан чиқиш» қийинми? Агар шундай бўлса, бунинг сабаби нимада? Бундай қадамни осонлик билан қўя олиш учун сиз нима қила оласиз?
Б. Ҳикматлар. 10:19 ва Ёқуб 1:19ни ўқинг. Бизга Сулаймон ва пайғамбар Ёқублар қандай маслаҳат беришади? Сиз бу маслаҳатга амал қиласизми? Унга яхшироқ амал қилиш учун сиз нима қила оласиз?
В. Рим. 14:1ни ўқинг. Биз ўзимиз эътиқоди кучсиз деб ҳисоблайдиганларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Биз нима қилишимиз керак? Павлус бу сўзларни ёзган вақтида у келишмовчиликлар пайдо бўлади деб ўйлаган. Биз ҳам келишмовчиликлар пайдо бўлишини кутамизми? Қандай масалаларда энг кўп келишмовчиликлар пайдо бўлади?
13-боб. Одам орзу қилишга журъат қила олмаган нарса
А. Худо қачон охирги марта ҳаётингизда сиз учун тамомила кутилмаган ишни қилди? Шу воқеа ҳақида сўзлаб беринг.
Б. Матто 22:41–46ни ўқинг. Масиҳнинг саволидаги нима фарзийларни ғафлатда қолдирди? Нима сабабдан улар учун бу саволга жавоб бериш қийин бўлди? Нима сабабдан шу воқеадан кейин ҳеч ким Унга савол беришга журъат қилмади?
В. 1 Кор 2:9ни ўқинг. Бу оятнинг маъноси нимада? Худо тайёрлаган нарса кимга мўлжалланган? У тайёр-лаган нарсалардан биронтасига сиз умид қила оласизми?
А. Нима сабабдан муаллиф Худонинг режасини «ақл бовар қилмайдиган» деб атайди? Сиз шунга қўшиласизми? Нега?
Б. 1 Кор. 1:18–25ни ўқинг. Нима учун Ҳаворий Павлус Хушхабар ваъзини телбалик, аҳмоқлик деб атайди? Ушбу парчанинг асосий мазмуни нимада (25 оят)? Нима сабабдан Худо режаси инсон ақли нуқтаи назаридан ахмоқона туюлади?
А. Ҳаётингизда Худо сиз учун мумкин бўлмаган ишни қилган воқеаларни тасвирлаб беринг.
Б.Ёқуб 42:2ни, Ермиё 32:17ни, Матто 19:26ни ва Луқо 1:37ни ўқинг. Ушбу оятларнинг барчасида қандай фикр янграйди? Улар сизга нимададир қатъий ишонч бера оладиларми?
А. Қўйлар қўриқхонаси қандай маънода мангулик, кечирим, ҳаёт мақсадини қўлга киритиш ва ҳақиқат рамзи бўлиши мумкин? Нима сабабдан сизга у ерда чўпонлар билан бирга таъзим қилиш жоиз бўларди?
Б. Рим. 8:3ни ўқинг. Илгари мумкин бўлмаган бўлиб туюлган нимани айнан Худо амалга оширди? Бунинг натижаси нима бўлди? У бизни қандай амалга оширди?
В. Эфес. 3:20–21ни ўқинг. Бу оятга биноан Худо нималарга қодир? У буни қандай амалга ошира олади? Унинг кучи намоён бўлишини нимада кўриш мумкин? У қилган ишларининг натижаси қандай? Худо амалга оширган ишлар қанчалар абадий? Бу парча ёрдамида сиз қандай қилиб Худога кўпроқ ишона бошлайсиз?
14-боб. Тафсилотми ёки хочми?
А. Сиз ҳеч «компьютерлаштирилган» эътиқодга дуч келганмисиз? Агар шундай бўлса, шундай учрашувдан кейин сизда қандай туйғулар қолди? Бундай эътиқод сизнинг ҳаётингизда қандай мевалар берди? Қандай қилиб ва нима сабабдан сиз уни ташладингиз?
Б. Матто 23:1–36ни ўқинг. Масиҳ «компьютерлаштирилган» эътиқоднинг қандай хатоларини қоралайди? Сизда қачонлардир шундай хатолар туфайли муаммолар пайдо бўлганми? Айнан қандай? Сиз қандай қилиб улардан халос бўлгансиз?
А. Нуқталар ўрнига ўзингизнинг фикрингизга кўра энг мос сўзни қўйинг.
Б. Эфес. 2:8–9ни ўқинг. Бу парчада эътиқод нимага қарши қўйилади? Бу ерда ишлар ва улар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўладиган муаммолар ҳақида нима дейилган? Нима сабабдан мутлақо «мақтанмаслик» керак?
В. Гал. 2:15–16ни ўқинг. Инсон ва Худонинг ярашишида нима муҳим? Қонунга риоя қилишга уриниб нечта одам оқланиши мумкин? Нима туфайли сиз Худо олдида оқланмоқчисиз?
А. Сиз Худо ҳукмидан қандай қилиб қутулмоқчисиз?
Б. Рим. 2:5ни ўқинг. «…саркаш ва тавба қилмовчи қалби туфайли Худонинг одил ҳукми амалга ошажак қаҳр-ғазаб кунигача ўзига ўзи ғазаб тўплаб юриш» нимаси билан ажралиб туради? Қачон Худонинг адолатли ҳукми бўлади? Бунинг чиндан ҳам юз беришига биз қанчалар ишонсак бўлади?
В. Ибр. 2:2–3; 12:25ни ўқинг. Бу парчаларда бизга қандай огоҳлантириш берилади? Шунга кўра биз нима иш қилишимиз керак?
А. Исо шахсан сиз учун Қутқарувчими? Сиз буни қаердан биласиз?
Б. Юҳанно 1:12ни ўқинг. Юҳаннога кўра, Исо қандай қилиб бизнинг Қутқарувчимиз бўла олади?
В. 1 Юҳанно 4:14–15ни ўқинг. Худонинг бизда яшашига ишонч ҳосил қилишимиз учун нима қилиш керак?
15-боб. Содда имон
А. Ярим соат ўйнаётган болаларни кузатиб ўтказинг. Сиз нимани кўрдингиз? Кўрганларингиздан нимани ўзингизда кўришни истардингиз? Бунга нима тўсқинлик қилади?
Б. Мат. 18:3–4ни ўқинг. Масиҳ биз болалардай бўлишимиз керак деганда нимани назарда тутган? Агар биз болалар каби бўлмасак, нима бўлади?
В. 2 Кор. 11:3ни ўқинг. Ҳаворий Павлусни нима безовта қилади? Нима сабабдан биз ҳам доимо шу нарса ҳақида ташвишланишимиз керак?
А. «Сайёр эътиқод» деганда муаллиф нимани назарда тутади? Нима учун Масиҳ уни қоралайди?
Б. Мат. 23:37–38ни ўқинг. Масиҳ Қуддус учун нима қилишни истарди? Қуддус аҳолисининг жавоби қандай бўлди? Охир-оқибатда бу нимага олиб келди?
А. Муаллиф «воситачилар» ҳақида гапирганда нимани назарда тутади? Ҳозирги пайтда «воситачилар» деб кимларга айтса бўлади?
Б. Юҳ. 10:10ни ўқинг. Ушбу оятга кўра Исо ерга нима мақсадда келган? Буни тушуниш қай даражада қийин? Нега? Сиз ҳаётингизда Исо гапирган нарсани ҳис қиласизми? Нима сабабдан?
В. 1 Тим. 2:5ни ўқинг. Худо ва инсон ўртасидаги ягона воситачи ким? Бу бизнинг ҳозирги кундалик ҳаётимизда қандай маъно касб этади?
А. Сиз нима деб ўйлайсиз: нима сабабдан биз кўпинча муаллиф шу парчада гапирган оддий ҳақиқатларга эътибор бермаймиз? Нима сабабдан биз ўз ҳаётимиз ва эътиқодимизни шундай мураккаблаштиришга мойилмиз? Сиз қандай қилиб зарурати бўлмаган мураккабликлардан халос бўла оласиз?
Б. Забур 41:2–3ни ўқинг. Бу парчада улар олдида қандай эътиқод туради — оддийми ёки мураккаб ва тушунарсизми? Сиз ўз эътиқодингиз шундай бўлишини хоҳлармидингиз? Нега? Шундай эътиқодга эга одамларни биласизми? Улар ўз эътиқодлари шундай қолиши учун нима қиладилар?
В. Флп. 3:7–9ни ўқинг. Бу оятларга кўра, ҳаворий Павлуснинг мақсади нима эди? Бу учун унга кучни нима берарди? Унинг интилиши оддий эдими ёки мураккаб ва мужмалмиди? Бу интилишни сиз ўзингизнинг интилишингиз билан таққосланг.
16-боб. Соғ-саломат қолиш
А. Сиз ўз тажрибангизга асосланиб муаллифнинг юқорида келтирилган сўзларига қўшила оласизми? Ўз жавобингизни изоҳлаб беринг.
Б. Матто 24:1–14ни ўқинг. 6-оят синовлар умумий рўйхати орасида нимаси билан ажралиб туради? Бу амр нимага асосланади? У биз учун биз тушиб қолган вазиятга боғлиқ бўлмаган ҳолда қандай аҳамиятга эга?
В. Юҳанно 15:18–19 ва 16:33ни ўқинг. Исо бу икки парчада нима ваъда қилади? Биз ўз тақдиримизга тушадиган нарсаларга қандай муносабатда бўлишимиз керак (Юҳанно 16:33)? Бундай муносабат билдиришимизга нима ёрдам беради (Юҳанно 16:33) ?
Г. 2 Тим. 3:12ни ўқинг. Ҳаворий Павлуснинг орзулари қандай? Бу кимга тааллуқли? Биз ушбу ваъда ҳақида била туриб нима иш қилишимиз керак?
А. Сиз ҳеч «жар ёқасида» бўлганмисиз? Ўшанда нима юз берди? Сиз қандай қилиб руҳий муносабатда қаттиқ ерга чиқиб олдингиз?
Б. Матто 24:14ни ўқинг. Бу оят сизга нима бўлиб туюлади: ваъдами ёки таҳдидми? Сизнингча, у нима бўлиши керак?
В. Кол. 1:22–23ни ўқинг. Қандай маънода бу оят Матто 24:13нинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади?
А. Шогирдларда бўлган афзалликлар нимадан иборат эди? Биз нима сабабдан бизда ҳам шундай афзалликлар бор деб айта оламиз?
Б. Матто 24:30–31ни ўқинг. Бу парча синовлардан ўтаётганларни қандай илҳомлантириши мумкин? Бу парча берадиган ёрдам нимадан иборат? У сиз учун ҳам ёрдам бўлиб хизмат қиладими? Нега?
В. Флп. 1:6ни ўқинг. Бу оятда қандай ваъда бор? Бу ваъданинг бажарилиши бирон нарсага боғлиқ қилиб қўйиладими? Бу ваъда сизнинг эътиқодингиз мустаҳкамланишига қандай хизмат қилиши керак? У сизнинг эътиқодингизни мустаҳкамлайдими?
А. Нима сабабдан «Етарли» сўзини Осмон Шоҳлиги келганлиги ҳақида хабар беришга мос деб аташ мумкин? Сизнингча, бу сўз қандай бўлиши мумкин эди? Нега?
Б. 1 Сал. 4:16–18ни ўқинг. Бу парча бизни қандай мустаҳкамлаши мумкин? Бу сўзларни ўқиётганингизда сизнинг кўз ўнгингизда қандай тимсол пайдо бўлади? Худонинг ўзи осмондан келиши нега шунчалар муҳим?
В. Ваҳий 19:11–16ни ўқинг. Масиҳ бу парчада қандай тасвирланган? Бу тимсол сизнинг руҳингизни кўтарадими ёки аксинча — руҳни эзадиган таассурот ўтказадими? Нима сабабдан?
17-боб. Қумдан қурилган қасрлар
А. Ўзингиз қураётган «қасрларга» мисол келтиринг. Сиз уларга қандай муносабатда бўласиз? Агар сув эртага кўпайганда, бу сизда қандай туйғуларни пайдо қилган бўларди?
Б. Луқо 12:16–21ни ўқинг. Ушбу парчадаги одам қандай «қаср» қурди? Бу ерда сув «кўпайиши» деб нимага айтиш мумкин? Охирги натижа қандай бўлди? Бу воқеанинг маъноси қандай?
В. Ибр. 9:27ни ўқинг. Ҳаммамизни қандай тақдир кутяпти? Буни сув кўпайишига ўхшатса бўладими? Сиз унга тайёрмисиз?
А. Агар биз бу дунёга худди ўзимизнинг доимий яшаш жойимиздай қарасак, бу нимада намоён бўлади? Кундалик ҳаётимизда биз бир куни бу дунёни барибир ташлаб кетишимиз ҳақида қанча кўп ўйлаймиз?
Б. Матто 16:26–27ни ўқинг. 26-оятдаги иккита саволга жавоб беринг. 27-оятда тасвирланган воқеани сиз кутаяпсизми ёки ундан қўрқасизми? Нега?
В.Ёқуб 4:13–14ни ўқинг. Агар биз буни эсдан чиқармасак, ҳаётдаги кўп нарсаларга муносабатимиз қандай ўзгаради? Нима учун биз бу ҳақда шундай осон унутамиз?
А. Муаллиф тасвирлаган тамойиллар қай тарзда бизнинг кундалик ҳаётимизда қўлланилиши мумкин?
Б. Ибр. 11:8–10ни ўқинг. Иброҳимнинг ҳаёти нимаси билан юқоридаги парчага мисол бўла олади? Унга «юксиз саёҳат қилишга» нима имкон берди? 10-оятни қандай маънода бизнинг ҳаётимизга қўллаш мумкин? Бу ҳақиқатни ўзлаштириш нима сабабдан Иброҳимдан кўра бизга қийинроқ бўлади?
В. Ибр. 11:13–16ни ўқинг. Бу парча қандай тарзда бизнинг бутун ҳаётимизнинг йўналишини белгилайдиган компас бўлиб хизмат қилади? Бу оятнинг амалий қўлланилиши бизга қийинчиликлардан қочиб қолишимизда, қутулишимизда қандай ёрдам бериши мумкин?
А. Бола каби қилш нимани билдиради? Келтирилган парчада Худога сиғиниш ҳақида сўзлайдиган нимадир борми?
Б. Луқо 19:11–13ни ўқинг. 13-оятда берилган амрнинг бизга қандай тааллуқли жойи бор? Масиҳ токи Ўзи қайтиб келгунига қадар биздан қандай ишларни кутади? Бу амрни бажариш учун сиз нима қиласиз?
В. 1 Кор. 3:10–15ни ўқинг. Павлус жамоат қурилишини кузатаётганда уни нима ташвишга солади (10-оят)? Биз нима асосида қурамиз (11-оят)? Павлус қурилиши учун фойдаланиладиган турли материаллар ҳақида гапирганда нимани назарда тутади (12-оят)? Қурилишимизнинг сифати қачон кўринади? (13-оят). Қурилишимизнинг натижаси бўлиб нима хизмат қилади? (14–15-оятлар).
Сизнинг қурилишингиз қандай боряпти?
18-боб. Тайёр бўлинг
А. Сиз нима деб ўйлайсиз: нима сабабдан Исо Ўзининг сўнгги ваъзининг мавзуси қилиб тайёр туришни олган? Унинг сўнгги ваъзи сизга қандай таъсир қилади?
Б. Мат. 24:36–25:13ни ўқинг. Бу парчада бедор бўлиш зарурлиги нима билан асосланади? Сиз ҳам бедормисиз? Агар йўқ бўлса, нега?
А. Сиз у ёки бу воқеа бўлишига мутлақо ишонсангиз, унга қандай тайёрланасиз? Худди шу сингари, Масиҳнинг қайтишига ҳам тайёрланаяпсизми?
Б. Матто 16:27; Матто 24:44; Луқо 12:40; Юҳанно 14:3ни ўқинг. Бу оятларнинг қандай умумий томони бор? Одатда нимадир кўп марта такрорланса, бу нимани англатади?
А. Сиз дўзахни одамлар ўз хоҳишларига қараб борадиган жой деб тасаввур қила оласизми? Нега?
Б. 2 Сал. 1:5–10ни ўқинг. Салоникалик художўйлар осмонга олинадилар деб ҳисоблаш учун нима асос бўла олади (10 оят)? Тангри қайтиб келганда ким жазо олади (8-оят)? Уларни қандай жазо кутяпти (9-оят)? Сиз ўзингизни қайси гуруҳга киритган бўлардингиз?
А. Сиз ўзингизнинг мангуликдаги тақдирингизга тааллуқли танловни қилдингизми? Қилган бўлсангиз қандай? Агар қилмаган бўлсангиз нега?
Б. Юҳанно 3:16–18ни ўқинг. 18-оятда Исога ишонадиган одам ҳақида нима дейилган? Исога ишонмайдиган одам ҳақида нима дейилган? Нега Худо Ўз Ўғлини бу дунёга юборган (17-оят)? 16-оятни ўз сўзларингиз билан айтиб беришга ҳаракат қилинг.
В. Юҳанно 20:31ни ўқинг. Нима учун Юҳанно бу Хушхабарни ёзган? Бизнинг мангу ҳаётни қўлга киритишимиз ҳақида бу оятда нима дейилган?
Г. Ҳаворийлар. 17:29–34ни ўқинг. Ўтмишда Худо нимага кўз юмган (30-оят)? Бизни келажакда қандай воқеа кутяпти (31-оят)? Одамлар Павлуснинг сўзларига (32–34-оят) қандай жавоб бердилар? Ушбу парчада тасвирланган гуруҳлардан қай бирига сиз ўзингизни киритган бўлардингиз?
19-боб. Атир гуллари бор одамлар
А. Унча чиройли бўлмаган одамларга сиз қандай муносабатда бўласиз? Гуссенинг сўзлари ҳақида сиз нима деб ўйлайсиз?
Б. Матто 25:31–46ни ўқинг. Одамларнинг қандай икки гуруҳи ҳақида бу ерда сўз боради? Уларнинг ҳар бири билан нима бўлади? Уларнинг алоҳида хусусиятлари қандай? 46-оятга эътибор қилинг: ушбу оятда сўз борадиган нарса қанча давом қилади?
А. Сиз муаллифнинг шу сўзларига қўшиласизми? Нега?
Б. Ибр. 13:1–3ни ўқинг. Биродарлик севгисини асраш нима дегани? 2-оятда бизни нимага даъват қилишади? Юқорида китобдан олинган парча ва 3-оятнинг ўхшашлик томонлари нимада?
В. Ёқуб 2:1–9ни ўқинг.Бу парчада қандай муаммо ҳақида сўз боради? Муаммонинг пайғамбар Ёқуб ёзган ечими нима? Нима сабабдан 8-оят шу парчада асосий аҳамиятга эга?
А. Сиз охирги марта қачон Масиҳни қадди букилганлар ва ярадорлар орасида кўрдингиз? Бу ҳақда айтиб беринг.
Б. Матто 10:42ни ўқинг. Нима мукофотланади? Мукофот қурбонлик қанча катта эканлигига боғлиқми? Мукофот нимага асосланади?
В. Матто 11:2–6ни ўқинг. Яҳё пайғамбар Исога қандай савол беради? Масиҳ бу саволга нима деб жавоб қайтаради? Муаллифнинг юқоридаги сўзларига бунинг қандай ўхшашлиги бор?
20-боб. Хизматкор
А. Очиқ жавоб беринг: сизнинг причастиега муносабатингиз қандай? Бу парчада келтирилган муаллиф сўзлари сизни ўйлашга мажбур қиладими?
Б. Мат. 26:17–30ни ўқинг. Ўзингизни Қутқарувчи билан бир дастурхон атрофида ўтирибман деб тасаввур қилинг. Сиз нима ҳақда ўйлаяпсиз? Нимани ҳис қиляпсиз? 29-оятда келтирилган Исонинг сўзлари ҳақида нима деб ўйлайсиз?
А. Ўша таклиф ёзган чопар ким? Нима учун дастурхон атрофига сизни Масиҳнинг Ўзи таклиф қилаётганлигини эсда тутиш муҳим?
Б. Юҳ. 17:20–23ни ўқинг. Масиҳ нима ҳақда илтимос қилади? Худонинг кечки ибодати ҳақидаги суҳбат матнида ушбу парчанинг аҳамияти қандай?
А. Муаллиф: « У сизни уйга чақирган вақтида Унинг дастурхони атрофида ўтиришингизга ишонч ҳосил қилинг» деб ёзганда нимани назарда тутган? Биз нимага алоҳида эътибор қаратишимиз керак?
Б. Луқо 22:14–18ни ўқинг. Масиҳ ўз шогирдлари билан бирга Худога кечки ибодат қилаётган маҳалида қандай сўзларни айтган? 16 ва 18-оятларда қандай бўлажак воқеа ҳақида алоҳида гап боради? Причастие қабул қилаётганингизда бу воқеани эсда тутасизми?
В. 1 Кор. 11:26ни ўқинг. Бу парча сизга Худога кечки ибодат нима эканлигини яхшироқ тушунишга ёрдам берадими? Бу ерда ёзилган сўзлар бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир қилиши мумкин?
21-боб. У сизни танлади
А. Масиҳнинг қўрққанини билиб сиз нимани ҳис қилдингиз? Нима учун?
Б. Матто 26:36–46ни ўқинг. Масиҳ Ўз қалбининг ҳолатини қандай тасвирлаган (38 оят)? Унинг ҳолати бизга нимадан дарак беради (39 оят)? Ушбу парчада тасвирланганларни қандай маънода жанг деб аташ мумкин?
А. Ҳатто Масиҳ хочга тортилиши арафасида ҳам сиз ҳақингизда эслаганини тушунган пайтингизда нимани ҳис қиласиз?
Б. Юҳ. 17:24ни ўқинг. Ушбу оятда Масиҳ нима ҳақда жуда илтимос қилади? Нега У бу ҳақда сўрамайди? Унинг бу илтимоси ҳақида билганингизда сиз нимани ҳис қиласиз? Нима сабабдан?
А. Масиҳ сиз учун дўзахга борган деган фикрни қандай тушуниш керак? Бу бизнинг ҳаётимизга таъсир қиладими? Агар таъсир қилса, қандай? Таъсир қилмаса, нима учун?
Б. Эф. 4:7–10ни ўқинг. Ушбу парча нимаси билан муаллиф сўзларига ўхшайди? «Ҳамма нарсани тўлдириш» сўзларининг маъноси нимада?
В. Ибр. 12:2ни ўқинг. Сиз нима деб ўйлайсиз: Масиҳ нима учун «шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади»? У «Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирмоқда»нинг маъноси қандай?
22-боб. Ҳамма сизга қарши бўлганда
А. Сизга қачонлардир хиёнат қилишганми? Агар шундай бўлса, сизга айнан нима жудда катта оғриқ етказди?
Б. Матто 26:47–56ни ўқинг. Ушбу бобда хиёнат тўғрисидаги қандай икки воқеа тўғрисида сўз боради?
А. Бошқа одам характерининг у ёки бу хусусиятлари сабаби нимада эканлигини тушунишга қандай уринасиз? Одамни у ёки бу ишни қилишга сабабларни сиз қандай тушуна оласиз?
Б. Гал. 6:2ни ўқинг. «Бир-биримизнинг юкимизни кўтариш» учун биз нимани билишимиз керак? Биз бу ҳақда қаердан билишимиз мумкин?
В. Флп. 2:19–21ни ўқинг. Нима сабабдан Ҳаворий Павлус Тимотийни Филиппилик имонлиларнинг ҳузурига юбормоқчи бўлди? Тимотий ва Филиппиликлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида шу билан боғлиқ ҳолда нима деб ўйлай оламиз?
Г. Ибр. 12:14ни ўқинг. Бу оятда биз қандай амрга дуч келамиз? Биз уни қандай амалга оширамиз? Нима сабабдан бизга уни бажариш муҳим?
А. Сизнинг нафратингиз қайси маънода сизни маҳбусга айлантиради? Ҳозир сиз нафратнинг асиримисиз?
Б. Матто 5:43–48ни ўқинг. Масиҳ бизга душманларимизга қандай муносабатда бўлишни амр қилади? Сиз бу амрни қандай амалга ошира оласиз?
В. Ибр. 12:15ни ўқинг. Алам одамни қандай ўзгартиради? У атрофдагиларга қандай таъсир ўтказади? Аламга нисбатан биз қандай муносабатда бўлишимиз керак?
А. Юҳ. 18:36ни ўқинг. Исо қандай дунё ҳақида гапиради? Бу дунё Унинг Шоҳлиги эмаслиги ҳақида нима гувоҳлик беради?
Б. Забур 24:15ни ўқинг. Забур куйловчига қийшиқ ва бузуқ дунёда мувозанатни сақлаб, тўғри туришга нима ёрдам беради?
В. Забур 72:2–5; 13–20ни ўқинг. 2–5 оятларга кўра, Забур муаллифига балогардон бўлиб хизмат қилади? «Бу томондаги» нарсаларга унинг эътибор бериши қандай оқибатларга олиб келди (13–14 оятлар)? У қандай қилиб руҳий мувозанатни тиклай олди (16–17-оятлар)? Ўзи билан содир бўлган воқеаларга унинг сўнгги баҳоси қанақа (18–20-оятлар)? Юқорида келтирилган китоб муаллифининг сўзлари Забурдан олинган парчага нимаси билан ўхшайди?
23-боб. Сизнинг танловингиз
А. Юҳ. 2:4; 7:6ни, 8ни, 30ни; 8:20ни; 13:1ни ўқинг. Сиз бу оятларда муайян бир кетма-кетликни кўряпсизми? Улардаги нима Масиҳга Ўзи бажариши керак бўлган вазифа ҳақида ҳамма нарса маълум эканлигини кўрсатади?
А. Исо сизга қизиқми? Айнан нима сизга қизиқ? У сизда тушунмовчиликни чақирадими? Айнан нимаси билан? Унинг ҳаётидаги қандай воқеаларни сизга тушунишингиз учун кўпроқ қийин? Нима сабабдан?
Б. Луқо 22:67ни ўқинг. Масиҳ бу парчада ўзи ҳақида нима дейди? Нима сабабдан бу сўзларни Унинг ўзи ҳақида айтган фикрлари орасида энг ажойиби деб аташ мумкин?
А. Сиз қандай қарорга келдингиз? Сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган юзлаб бошқа овозлар ичидан сиз кимнинг овозига қулоқ соласиз?
Б. Юҳ. 6:60–69ни ўқинг. Нима сабабдан Унинг шогирдларидан баъзилари Масиҳнинг изидан юрмай қўйдилар? Нима учун Бутрус Унинг изидан борди? Ушбу қарорлардан қай бири сизга яқинроқ? Нима учун?
А. Қандай маънода «Пилат танламасликка қарор қилиб, шу билан бирга ўз танловини қилди». Биз қандай қилиб шу хатони такрорлашимиз мумкин?
Б. Мат. 12:30ни ўқинг. Бу оят «нейтралитетга риоя қилишда» яширинган қандай хавф ҳақида огоҳлантиради?
В. Юҳ. 5:22–29ни ўқинг. Ушуб парчада Масиҳга нисбатан нейтрал муносабатда бўлишнинг мумкин эмаслиги ҳақида нима дейилган?
24-боб. Мўъжизаларнинг энг буюги
А. Хочга тортилиш оддий кунлардан бирида ва жисм ва қондан бўлган оддий одамлар иштирокида содир бўлганлигининг гўзаллиги нимада? Бу ҳафтанинг оддийлиги биз учун қандай аҳамиятга эга?
А. Сиз вақти-вақти билан Худо сиз билан «осмонда юлдузлардан нақшлар ясаб» ёки «маккажўхори даласидаги шамол шовқини орқали» гаплашишини истайсизми? Ўз жавобингизни изоҳланг. Библияда эътиқодга бериладиган ўша аҳамият Худонинг бизга «оддий» услублар воситасида мулоқотда бўлиш одати билан қандай боғланган?
Б. 2 Кор. 5:18–20ни ўқинг. Худо бизга нима берган (18 оят)? У бизга нимани ишонган (19-оят)? Биз 20-оятда қандай аталганмиз? Ушбу топшириқни бажаришда сиз қандай рол ўйнайсиз?
В. Ҳавор. 10да фаришта Корнилийга, ҳаворий Бутрусни олдириб кел, буюргани тўғрисида айтилади. Бутрус юзбошига Хушхабар ҳақида айтиб бериши керак эди. Шубҳасиз, фаришта ҳеч қийинчиликларсиз юзбоши билан мулоқотда бўла олган. Сиз нима деб ўйлайсиз, у нима учун Корнилийга Хушхабар ҳақида ўзи айтиб бермаган?
А. Сизга «кундалик ҳаётда ва одатийликда мурожаат қиладиган» Унинг овозига қулоқ соласизми? Агар шундай бўлса, сиз буни қандай амалга оширасиз? Сиз ҳозиргача нимани эшита олдингиз?
Б. Заб. 18:2–5ни ўқинг. Худо бизга «одатий» ҳодисалар орқали мурожаат қилишда қандай давом қилади? Унинг сўзлари сиз учун қандай аҳамиятга эга?
В. Ҳавор. 17:26–28ни ўқинг. 26 ва 27-оятларга кўра Худо одамларнинг ҳаётларида иштирок қилиб қандай мақсадни кўзлайди? Қандай маънода У «ҳар биримиздан узоқда эмас»? 28-оят ва китобдан келтирилган юқоридаги оятнинг умумий томонлари борми?
А. Мўъжизаларга қизиқиш Худони кўришимизга ҳалақит бера оладими? Агар шундай бўлса, қандай қилиб?
Б. Мат. 12:39–40ни ўқинг. Исонинг сўзларига асосан ажойиб «аломатларни» талаб қилишнинг нимаси ёмон? Исо аломат талаб қилганларга қандай аломат берди? Бундан биз ўзимиз учун қандай дарс олишимиз мумкин?
25-боб. Ибодат орқали очилган
А. Масиҳ чиндан ҳам хочда турган вақтида ташлаб кетилган деган фикрга кўникиш шунчалар қийин. Сиз нима деб ўйлайсиз: У нега ташлаб кетилди?
Б. Мат. 27:45–50ни ўқинг. Сиз бу парчани ўқиётганингизда кўз олдингизда қандай тимсол пайдо бўлади?
В. Заб. 21:2ни ўқинг. Ҳатто Масиҳнинг хочда айтилган сўзлари бундан 100 йил илгари қилинган башорат эди, деган гап сизнинг қандай туйғуларингизни пайдо қилади?
А. Нима сабабдан Худога «гуноҳни ҳайдаш» мумкин эмас эди? Нима учун гуноҳни чиқариб ташлаш керак эди?
Б. 2 Кор. 5:21ни ўқинг. Худо гуноҳсиз Ўша билан нима қилди? Бу парчада ким ҳақида гап боради? У ким учун шундай қилди? Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
В. Гал. 3:13–14ни ўқинг. Ким бизни қонун ланъатидан фориғ қилди? У буни қандай амалга оширди? У нега буни қилди?
А. Нега бу ёлғизликка лойиқмиз? Нега Масиҳ бунга лойиқ эмас? Нима сабабдан Худо бизнинг ўринларимизни алмаштирди?
Б. Ишаё 53:4–5ни ўқинг. Бу парчада «роллар алмашиши» ҳақида неча марта айтилган? Сиз шу оятларни ўқиётганингизда қалбингизда қандай таассурот туғилади?
В. 1 Бут. 3:18ни ўқинг. Масиҳ нима учун ўлди? Бу парчада «ролларнинг қандай алмашиши» ҳақида сўз боради? Бу қандай мақсадда қилинган? Ушбу оятда айтилганлар шахсан сиз учун аҳамиятга эгами?
26-боб. Яширин қабр
А. Бу парчада айтилаётган фикрларда алоҳида рамзийлик борми?
Б. Матто 27:26–31ни ўқинг. Сиз нима деб ўйлайсиз, Масиҳ учун энг азоблиси нима бўлган? Нима сабабдан Худо бундай бўлишига йўл қўйди?
В. 1 Кор 5:7ни ўқинг. Фисиҳ нима? (Фисиҳ қўзичоғи, қўзичоқ ҳақида — Чиқиш 12:1–13га қаранг)? Масиҳ қандай маънода бизнинг Фисиҳимиз, Фисиҳ қўзичоғимиздир?
А. Агар ҳаммаси сўзловчи фараз қилганидай бўлса, киноя нимадан иборат бўлади?
Б. Матто 27:57–61ни ўқинг. Бу парчада қабрнинг қандай батафсил тасвири берилган? Нима сабабдан бу ерда мукаммалроқ тасвир берилмаган?
В. Ишаё 52:14, Чиқиш 53:2 ва Луқо 2:7ни таққосланг. Бу парчаларнинг умумий томони нимада? Бу оятларга кўра, Худо ўз ишларига умумнинг эътиборини тортиши қанчалар зарур? Сиз нима деб ўйлайсиз: нима сабабдан у шундай қилади?
А. Бу ҳақда ўқиганингизда сиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Нима сабабдан?
Б. Матто 12:40ни ўқинг. Масиҳ ўлишини билганми? У кўмилиши ҳақида фараз қилганми? Ушбу оятда ёзилганларига кўра, Унинг Ўзи бунга қандай муносабатда бўлган?
В. 1 Кор. 15:3–4ни ўқинг. Нима сабабдан ҳаворий Павлус айнан шу ҳақда ҳикоя қилганини ёзади? У нимани энг муҳим деб ҳисоблайди? Нима сабабдан бу муҳим?
А. Нима сабабдан хочдан кўра бўш қабр масиҳийлик эътиқодининг энг яхши рамзи бўлиб хизмат қилади? Худо қудрати ҳақида қандай рамз кўпроқ гувоҳлик беради? Нега?
Б. Ҳавор. 2:22–24ни ўқинг. 24-оятга кўра нима мумкин бўлмаган? Нима сабабдан?
В. 1 Кор. 6:14ни ўқинг. Бу оятда Худонинг қандай хусусиятлари ҳақида гап боради? Нима амалга ошган эди? Келажакда нима бўлади?
27-боб. Ўйлайманки, мен доимо бу йўлни эсда сақлайман.
А. «Сиз бундай одамни нима қиласиз?» саволига жавоб беринг.
Б. Мат. 28:1–10ни ўқинг. Сиз нима деб ҳисоблайсиз: фаришта нега тош устида ўтирган (2-оят)? Нима сабабдан унинг сўзлари қабрни қўриқлаган одамларга эмас, балки айнан аёлларга қаратилган эди (8-оят)?
А. Муаллиф берган саволга жавоб беришга ҳаракат қилинг. Агар қўлингиздан келса, бунинг қандай содир бўлганини тасвирланг.
Б. Ҳавор. 26:12–18ни ўқинг. Павлуснинг ҳикоясида қандай қисмларни ажратиш мумкин? Унинг ҳикояси сизга ўз воқеангизни айтиб беришда ёрдам берадими? Ўз жавобингизни изоҳланг.
А. Сизнинг фикрингизча, ўз ҳаётини Худога бағишлашга одамнинг тайёр эканлигини қаердан билса бўлади?
Б. Рим. 10:9ни ўқинг. Ушбу оятга кўра, ўз ҳаётини Худога бағишлаш нимадан иборат?
В. 2 Кор. 6:1–2ни ўқинг. Ўз ҳаётини Худога бағишлаш учун қандай вақт энг яхши деб ҳисобланади?
А. Сиз шу парчада тасвирланган кунни кутасизми? Агар шундай бўлса, бу кутиш сизнинг ҳозирги ҳаётингизга таъсир қиладими? Дастурхон атрофида бўлишга умид қиласизми? Агар шундай бўлса, қандай? Агар шундай бўлмаса, нега?
Б. 1 Сал. 3:12–13 ва 5:23–24ни ўқинг. Ҳаворий Павлуснинг сўзларига кўра, келажакда Масиҳнинг келиши бизнинг ҳозирги ҳаёт тарзимиз билан қандай боғлиқ? Биз қандай қилиб художўйларча яшашимиз мумкин (1 Фес. 5:24)?
В. Ўқиган китобингиз ҳақида фикр юритинг. Агар ўқиш жараёнида олганларингиздан энг муҳимини ажратиш талаб қилинганда сиз нимани кўрсатган бўлардингиз? Ушбу китобдан олганларингиз туфайли ҳаётингиз ўзгарадими? Айнан қай томонга?
Г. Худога сукунатда, Ўз ўғлингни мен учун ўлимга юборганинг учун миннатдорман, деб айтишга вақт ажратинг. Унга, севгиси учун миннатдорман, деб айтинг. Унга ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдиринг. Ҳеч нарса эътиборингизни тортмайдиган вақтни топинг ва ҳамма ишни амалга оширадиган Ўшанинг оромбахш ҳузурида бўлинг, мулоқотидан баҳра олинг.
Еслатмалар
1
Бу китобда Матто хушхабарида эсланган Масиҳ ҳаётининг охирги ҳафтасида юз берган воқеалар билан чекландим.
2
1 Кор.1:26
3
Қаранг: Марк: 10:32
4
Санта Анна — Антонио Лопес де Санта Анна — Мексика генерали, 1834 йили маслакатда диктатура ўрнатиб, Мексика провинцияси Техасда ўрнашиб олган Америкаликларга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаган эди. —
5
James Michener, Texas (New York: Random House, 1985) 367.
6
Матто 20:18–19.
7
Қаранг: Ҳаворийлар 2:23.
8
Ермиё 29:11.
9
Қонунлар 31:6.
10
Рим. 8:36–39.
11
«D-Day Recalling Military Gamble That Shaped Hustory». Time, 28 May 1984, 16.
12
Матто 20:28.
13
Дониёр 7:4.
14
Дониёр 7:5.
15
Дониёр 7:6.
16
Дониёр 7:7.
17
Дониёр 7:13:14.
18
Қўшимча материал сифатида Энох қитобидан фойдаланиш мумкин, бу китоб милоддан олдинги 70 йилда Эски ва Янги Аҳд даври оралиғида ёзилган. Бу қадимий қўлёзма одамлар «Инсон Ўғли»ни қандай тасаввур қилганлари тўғрисида ҳукм чиқаришга имкон беради.
Мана, ўша китобдан парча («Шамаш» журналининг 2 ва 3-сонларида чоп этилган матнидан келтирилади):
«Сен кўрган бу Инсон Ўғли қудратли шоҳларни ўринларидан, кучлиларни тахтларидан кўтаради, кучлиларнинг кишанларини прчалайди, гуноҳкорларнинг тишларини синдиради, У шоҳларни тахтларидан ва ўзларининг шоҳликларидан қувади, чунки ўша шоҳлар Уни юқори кўтармаяптилар, Уни шарафламаяптилар» (8:10–11).
«Улар ўша Ўғилнинг Ўз тахтида шуҳрати билан ўтирган хотинини кўрганларида, шоҳлар ҳам, кучлилар ҳам, бутун ерни эгаллаб олганлар ҳам ҳамма устидан Ҳукмрон бўлганни мадҳ қиладилар, Унга шон-шараф ўқийдилар ва Уни кўкларга кўтарадилар. Унинг қаршисида ҳамма танланганлар турадилар. Жамики қудратли шоҳлар, юқорига кўтарилганлар, ер юзида ҳукмронлик қилаётганлар Унга таъзим қиладилар, Унинг олдида ер ўпадилар, ўша Инсон Ўғлига умидларини юклайдилар, Унга ялиниб-ёлворадилар, Ундан шафқат сўрайдилар…
Фаришталар Унинг болаларини ва танланганларини сиқувга олганлари учун улардан қасос оламиз, деб улардан жазо оладилар» (20:40–43; 45).
«…У — эрнинг Ўғли зоҳир бўлиб, Ўзининг шуҳрат тахтига ўтирди. Энди ҳар қандай ёвузлик йўқолади, Унинг юзи олдидан ўтиб кетади, ўша эр Ўғлининг сўзи руҳлар Худоси олдида куч-қудратга эга бўлади» (11:62).
19
Қаранг: Матто 19:28.
20
Қаранг: Матто 24:30; Марк 13:26; Лука 17:26–30.
21
Матто 26:64.
22
Қаранг: Марк 9:31.
23
Марк 9:32.
24
Матто 20:28 Худонинг феъл — атвори тасвирида зиддиятли бўлиб туюлиши учрайдиган ягона парча эмас. У «раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли, собит севгиси ва садоқати мўл, фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечирадиган, лекин айбдорларни асло жазосиз қолдирмайдиган» Худодир (Чиқиш 34:6,7). Фақат У хабар берадиган Худодир. Айни пайтда У Қутқарувчидир (қаранг: Ишаё 45:21). У «марҳамат ва ҳақиқат ила тўлган» (қаранг: Юҳанно 1:14). У ғазабланганда шафқатни эгаллайдиган Худодир (қаранг: Ҳаваққуқ 3:2). Пайғамбар Михо ваҳий олиб, Худо: «тоабад ғазабланмайди халқидан, завқ олади раҳм-шафқат кўрсатишдан» (Михо 7:18), деб айтади. «Худонинг меҳрибонлигини ҳам, қаттиққўллигини ҳам билиб қўйгин», дейди ҳаворий Павлус (Рим. 11:22).Шунингдек, Худо Исога ишонганларни солиҳлик билан ҳукм қилиб, оқлайди (қаранг: Рим, 3:26).
Бир пайтнинг ўзида Худони жазо берадиган Ҳакам сифатида ва севгучи ва бизни кечирувчи Худо сифатида ўйлашимиз қийин, лекин Муқаддас Китобда Худо айнан шундай бўлиб гавдаланади. У — «бизни, ҳатто ниҳоятда ёмон кўрганда ҳам. илоҳий севги билан севувчи» Худодир (John R. W. Stott, The Cross of Christ [Downers Grove. 111. — InterVarsity Press, 1886], 131). У бир пайтнинг ўзида бизнинг гуноҳларимиздан ғазабланади, аҳволимизни кўриб, бизга шафқат қилади.
25
Матто 20:29–34.
26
«Wilford Hall Turf Fight Purs Patuents at Risk». Son Antonio Light, 3. February 1990, Al, A16.
27
2 Солнома. 30:18–19.
28
Қаранг: Ермиё 29:13.
29
Лука 4:16.
30
Забур 38:7.
31
Инглизча cross (крест)дан. —
32
Матто 26:10. 26-бобда Матто 30-бобга хронологик жиҳатдан мос келадиган воқеани ҳикоя қилади. Юҳанно хушхабарида бизга шу нарса аниқ аён бўладики,Марям Байтанияда Исога шанба кун кечқурун хушбўй мой қуйди (қаранг: Юҳанно 12:1). Нима учун Матто бу ҳақда ҳикоя қилиш учун 26-бобгача кутади? Чамаси, Матто учун баённинг хронологик аниқлигидан кўра, воқеа мавзуи муҳим роль ўйнайди.Масиҳ ҳаётининг охирги ҳафтаси -ғам ва қайғу ҳафтасидир. 26 ва 27-бобларда хиёнат ҳақида сўз кетади. Дастлаб яҳудий раҳнамолари, кейин Яҳудо, унинг ортидан ҳаворийлар ва Пилат, сўнг бутун халқ Исодан юз ўгирадилар. Эҳтимол, хиёнат ва юз ўгириш тўғрисидаги кўплаб воқеалар орасида ажралиб турадиган имон ҳақидаги воқеани Матто ҳикоя қилиб беришни истаб, Шимўн ва Марям ҳақидаги ҳикояни 26-бобга жойлаштирган.
33
Матто 26:13.
34
Матто 21:2–3.
35
Қаранг: Матто 5:41–42.
36
Paul Harvey»s For What it»s Worth, ed, Paul Harvey. Jt (New York: Bantam Boks, 1991), 118.
37
Марк 11:11.
38
Матто 21:12–13.
39
Титус 1:11.
40
Рим. 16:17–18.
41
Mel White, Deseived,as quoted by John MacArtur Jr. in The MacArtur New Testament Commentary, Mathew 1–7 (Chicago: Moody Press, 1985), 462.
42
Матто ва Марк хушхабарларини қиёслаб шуни аниқ кўриш мумкинки, тасвирланаётган давр икки кунни — душанбанинг бир қисмини ва сешанбанинг бир қисмини қамраб олади. Маъбаднинг покланиши сўз юритилаётган биринчи ва иккинчи қисм оралиғида қандайдир лаҳзада Масиҳ томонидан амалга оширилган.
Иккала ҳикояда бу фарқлар қандай пайдо бўлади? Марк мавзу яқин бўлган воқеалар тўғрисида ёзса, Марк хронологик изчиликка риоя қилади. Маркнинг ёзишича, Исо дарахтни душанба куни эрталаб ланъатлади (қ: Марк 11:12–24), кейин Маъбадни поклади (қ: Марк 11:15–19). Шогирдларни ҳайрон қолдирган зайтун мойи тўғрисидаги воқеанинг иккинчи қисми (қ: Марк 11:20–24) сешанба куни эрталаб юз берди. Бу пайтда шогирдлар Исо билан Қуддусга қайтган эдилар.
Матто эса воқеаларни тематика белгилари бўйича гуруҳлаб, бу жиҳатдан Маркка зид эмас. Марк бу воқеани яхлит бутунлик сифатида тақдим қилишга интилади. У «...эрталаб шаҳарга қайтиб...» (Мат. 21:18) деб гап бошлайди. У бу ерда кейинги кун эрталаб тўғрисида гапирмайди. Матто шогирдларнинг ҳайрон қолгани тўғрисида гапириб: «Буни кўриб, шогирдлар ҳайратда қолдилар (Матто 21:20) деб ёзади.
Матто ва Марк хушхабарини солиштириб, шуни кўрамизки, дарахт душанба куни ланъатланган, шогирдларнинг ҳайратлангани тасвири эса сешанба кунига мансуб. Иккала воқеа ўртасида зиддият йўқ. Улардан бири мавзу билан боғлиқ маълум мавзуни ёритишга қаратилган бўлса, иккинчиси — воқеаларнинг хронологик изчиллигига қаратилган. Ҳар иккала ёндашувнинг ҳам ўзига хос афзалликлари бор. (қаранг: William Hendricksen, The Cospel of Mathew [Grand Rapids, Mich.: Baker Book House, 1973] 773).
43
Матто 21:21–22.
44
Ваҳий 3:15–16.
45
Матто 21:22.
46
Қаранг: Матто 21:33–35.
47
Қаранг: Матто 21:1–14.
48
Қонунлар 4:32–34.
49
Хўшея 11:8–9.
50
Қаранг: Рим. 8:16.
51
Қаранг: 2 Шоҳ. 7:19.
52
Қаранг: 7:15.
53
Матто 21:43.
54
Қаранг: Ҳаворийлар 13:46.
55
Қаранг: Матто 12:24.
56
Қонунлар 4:35.
57
Қаранг: Рим. 2:4.
58
Ваҳий 3:20.
59
Ишаё 1:18.
60
Ишаё 55:1.
61
Матто 11:28.
62
Матто 22:4.
63
Марк 1:17.
64
Юҳанно 7:37.
65
Қаранг: Матто 21:28–32.
66
Қаранг: Матто 22:1–14.
67
Ваҳий 3:20.
68
Ибронийларга 9:27.
69
Матто 21:23.
70
Матто 21:26.
71
Матто 22:15–17.
72
Забур 11:4.
73
Ҳикмат. 28:23.
74
Жон Уилкс Бут 1865 йил 14 апрелда АҚШнинг ўн олтинчи президенти Авраам Линкольнни бошига отиб ўлдирган. —
75
Paul Aurandt, Paul Harvey’s the Rest of the Story (New York; Bantam Boks, 1977), 123.
76
Dennis Tice, «Did Adam and Have Navels?» Unpublished work. Used by permussion. (Матн сўзма-сўз таржимада келтирилади —
77
Матто 22:42.
78
Матто 23:5.
79
Матто 23:5.
80
Матто 23:6.
81
Матто 23:7.
82
Матто 23:5.
83
Қаранг: Матто 23:13–32.
84
Матто 23:33.
85
Рим. 3:28.
86
Қаранг: 1 Матто 18:2–3 PHILIPS
87
Матто 23:8–12.
88
Матто 23:8.
89
Матто 23:9.
90
Матто 23:10.
91
Матто 24:1–2.
92
William Barclay, The Cospel of Mathew, Vol. 2, Daily Study Bible Revised Edition, (Philadelphia: The Westminster Press, 1975), 305.
93
Аслиятда феъл ўтган замон давом феъли шаклида турибди, яъни сўз юритилаётган ҳаракат қандайдир вақт билан чегараланмасдан давом этяпти.
94
Матто 24:2.
95
Матто 23:38.
96
Бешинчи китоб, 12:3; қуйидаги нашрдан иқтибос келтиряпти: Иосиф Флавий. Иудейская война. — Немис тилидан Я. Л Чертка таржимаси — СПб., 1900, К, Ревяко, В. Федосиканинг қайта нашридан. — Минск, 1991, 512-бет.
97
Юҳанно 16:33.
98
Матто 24:5.
99
Матто 24:6.
100
Матто 24:7–8.
101
Матто 24:9.
102
The Wall Street, Journal, 15, January 1992, A-PL.
103
Матто 24:13.
104
Матто 24:14.
105
Қаранг: Ҳаворийлар 2:5.
106
Матто 24:14.
107
Марк 13:32.
108
Қаранг: Матто 25: 1–13.
109
Қаранг: Матто 25: 14–30.
110
Матто 25:31-46.
111
Қаранг: Матто 24:45–51.
112
Қаранг: Матто 25:1–13.
113
Матто 25:14–30.
114
Матто 24:42.
115
Матто 25:31.
116
Матто 24:44.
117
Ҳаворийлар 1:11.
118
Ибронийлар 9:28.
119
1 Салоника. 5:2.
120
Матто 25:32–33.
121
Матто 25:41.
122
1 Салоника. 5:9.
123
Ибронийларга 9:27.
124
Қаранг: Матто 7:24–27.
125
Қаранг: Матто 7:13–14.
126
Paul Lee Tan, Encyclopedua of 7007 Illustrations (Rockville, Md.: Assurance Publushers, 1979), 1086.
127
Манба номаълум.
128
Матто 25:35–36.
129
Ибронийларга 11:6.
130
Матто 25:40. Бу оят бўйича Мартин Лютерг шарҳи менга ёқади. «Шу ерда пастда, шу ерда пастда, — дейди Масиҳ, — Мени қашшоқлар орасидан топасиз: осмонлар сизлар учун жуда баланд, у ёққа чиқиш учун беҳуда уриняпсизлар». Демак, агар севги ҳақидаги бу юқори амр муҳтожларнинг пешонасига олтин ҳарфлар билан ёзилганда эди, Масиҳ бу заминда бизга ниҳоятда яқин эканини биз кўра олиб, тушуна олардик ва жуда яхши бўларди» (S.D. Bruner. Matthew, vol. 2 of The Churchbook (Dallas: Word Publishing, 1991), 923).
131
San Antonio Express-News, 3 April 1991, 2.
132
Матто 26:18.
133
Юҳанно 13:5.
134
Сирли зиёфат — Худонинг Ўз халқига инъоми.
135
Қурбонлик — одамларнинг Раббийга инъоми.
136
Оқшом зиёфатида қурбонлик учун ҳам ўрин бор. Биз Худога қурбонлигимиз сифатида ибодатларимизни, тавба — тазаррумизни, шукроналаримизни келтирамиз. Лекин буларнинг ҳаммаси эвазига нажотга эришишимиз учун мўлжаллаётган қурбонлик эмас, балки эришилган нажотга миннатдорлик учун келтирилган қурбонликдир. Биз Раббийга: «Қара, мен нима қилдим!» деб айтмаймиз. Аксинча, Худога ҳурмат билан қараб, Унга сажда қиламиз.
Оқшом зиёфатига қандай қарашимиз кераклиги тўғрисида Лютерг ҳам, калвиннинг ҳам қатъий ишончлари бор эди.
«Олийжаноб иш сифатида қабул қилиш керак бўлган сирли оқшом ва Худонинг аҳдини улар [диний арбоблар] инсон томонидан амалга оширилган олийжаноб ишга айлантирдилар» (Martin Luther, Luther’s Works American Edition, 36:49).
«У (Масиҳ) шогирдларига: «олинглар» дейди. Шу тариқа У ягона тақсимотчи бўлиб қолади. Руҳонийлар, оқшомда Масиҳни тантанали тақдим этадилар, деб муғомбирлик қилганларида, улар бутунлай бошқа асосга эгадирлар. Ҳаммаси остин-устин бўлганда, банда Масиҳ танасини қабул қилиш учун уни тақдим қиладиган ролини ўзига қабул қилиши керак» (John Calvin, A Harmony of the Gospels, 1:133).
[As quoted by Frederick Dale Bruner. Matthew, vol. 2 of The Churchbook (Dallas: Word Unc., 1991], 958).
137
Қаранг: Рим. 8:34.
138
Лука 12:37.
139
Қаранг: Юҳанно 17:20–21, муаллиф парафразаси.
140
Матто 26:46.
141
Матто 26:56.
142
Матто 26:59.
143
Матто 26:50.
144
Матто 26:15.
145
Қаранг: Матто 26:48–49.
146
Матто 26:49.
147
Юҳанно 16:33.
148
Матто 26:64.
149
Қаранг: Юҳанно 18:36.
150
Ибронийларга 13:5.
151
Матто 27:22.
152
Юҳанно 18:34.
153
Юҳанно 19:11.
154
Юҳанно 11:43.
155
Матто 8:32.
156
Матто 14:24.
157
Қаранг: Юҳанно 1:28: муаллиф парафразаси.
158
My Folks Don’t Want Me to Talk About Stavery, ed, Belinda Hurmence [Winston-Salem, N.C.: John F. Blair Publishing, 1984], 14–15.
159
Raymond Davis, Fire on the Mountain [publisher information unavailable].