“Эътиқод уфқлари” китобида сиз Г. Винс ҳикоя қилган воқеалар билан танишасиз. У Киевлик имонли бўлиб, коммунистлар ҳокимият тепасида турганларида эътиқоди учун қамалган ва Шимолий Уралдаги Чепечанка лагерига жўнатилган. Г. Винс ғайриинсоний шароитда ҳам Худога хизмат қилишда давом этиб, бошига бахтсизлик тушган ўртоқлари тирик қолишлари учун ёрдам берди. Ўша воқеалар шу тўғридаги ажойиб ҳикоялардир.
Георгий Винс
ЭЪТИҚОД УФҚЛАРИ
ЭЪТИҚОД УФҚЛАРИ
Иер. 29:11
Сўзбоши
Москва. Лефортово қамоқхонаси. Унинг расмий номи — СССР Вазирлар Маҳкамаси қошидаги давлат хавфсизлиги қўмитасининг тергов изолятори. Бу ерда мени 1966 йилнинг 19 майидан 1967 йилнинг 15 фералигача ушлаб туришди.
1966 йилнинг декабрида суд бўлиб ўтгандан сўнг бизнинг камерамизга Тергов изоляторининг бошлиғи полковник Петренко ташриф буюрди. Унга майор Степанов изолятор бошлиғининг тартиб бўйича ўринбосари ва яна иккита зобит ҳамроҳлик қиларди. Камера жуда тор эди: камерада биздан — эскирган, ғижим кийимлардаги учта маҳбусдан ташқари, яна батартиб, погонлари ялтираб турган тўртта КГБ зобитлари бор эди. Хонанинг очиқ эшиги олдида яна иккита қамоқхона назоратчиси турарди.
Полковник Петренко бизга мурожаат қилди: “Тергов изолятори маъмуриятига шикоятлар борми?” Биз жим турардик. Шунда полковник менга ўгирилди: “Хўш, Винс, сизнинг авлиёларингиз сизни ҳали дераза панжараси орқали осмонга олиб кетишмадими?”
Кейин эса ифодали ўгирилиб тош деворларга ишора қилди:
— Мана сиз эришган нарсалар — тўрт девор ва панжара! Мен сизга ачинаман! Нима учун сиз ўз ҳаётингизни барбод қиляпсиз? Мавжуд бўлмаган Худога мавҳум эътиқод, олдинда шимолий лагерлар — мана сизнинг барча уфқларингиз!
— Ўртоқ бошлиқ! Менинг уфқларим бу — тирик ва ҳақиқий Худога эътиқод уфқларидир. Масиҳ одамларга керак, Ҳақиқат ва ҳаёт фақат ундадир! Худо сизга ҳам керак, — мурожаат қилдим мен полковникка.
Аммо полковник қўлини силтади:
— Бас, етар! Эшитишни ҳам хоҳламайман. Лагер ҳаёти сизга қанчалар адашаётганлигингизни кўрсатади!
Полковник Петренко ҳамроҳлари билан бизнинг камерани тарк этди. Темир эшик шарақлаб ёпилди... Бир ойдан сўнг Мен Уралда — шимолий тайга лагери йўлида эдим.
Биринчи боб
Шимолий этап
1967 йилнинг март ойи. Эрта баҳор. Шимолда бу вақтда жуда совуқ бўлади. Маҳбуслар ўтирган учта катта юк машинаси қуролланган аскарлар назорати остида қийинчилик билан секин қорли тайга йўлларидан шимол томонга — фақат шимолга ҳаракат қиларди.
Маҳбуслар юк машинаси кузови полида бир-бирларига сиқилиб, қўл ёки оёқларини қимирлата олмай ўтиришарди. Кузовнинг бир қисми мустаҳкам темир панжара билан аскарларга — 18–20 ёшли ёш йигитлар ва баҳайбат қўриқчи овчарка ит учун ажратиб қўйилганди. Яна тўрнинг нариги ёғида маҳбусларнинг ночор лаш-лушлари ётарди: унча катта бўлмаган қоплар ва сумкалар. Биз тўрга — аскарларга орқа қилиб ўтирардик. Аскарлар тиззасигача тушадиган иссиқ пўстинлар кийиб олишганди, бошларида иссиқ шапка, оёқларида иссиқ пийма, қўлларида эса иссиқ қўлқоплари бор. Машиналарнинг биттасида — ҳайдовчиларнинг ёнида соқчилар бошлиғи — зобит ўтирарди.
Соқчилар, умуман олганда, маҳбусларнинг кўпчилиги ҳам ёшлар эди. Бу даҳрийлик, шафқатсизлик ва маънавий қадриятларни инкор қилиш руҳида тарбияланган авлод эди. Аслида улар динсиз жамиятни — Худосиз, эътиқодсиз, ахлоқсиз, келажаги йўқ, шафқат ва ҳамдардлик руҳидан маҳрум жамият яратиш бўйича марказлашган ғоявий дастурнинг мевалари эдилар. Уларга Масиҳ, унинг таълимотининг нури, хушхабар маънавий қадриятлари жуда керак эди! Худо шу учун бизни — художўйларни бу совуқ ўлкаларга Масиҳ ҳақида, бу ёш жиноятчилар ва соқчиларга бўлган Худо севгиси ҳақида айтиб бериш учун юбормадимикан? Менинг миямга шундай фикрлар келади. Мен сокин ибодат қилиб: “Худойим, сен ҳақингда айтиб беришга ёрдам бер!” деб сўрайман.
Шимол томонлар учун оддий бўлган тупроқли ўрмон йўли баланд Урал қарағайзорлари орасидан айланиб ўтарди. Маҳбусларнинг бошлари машина бортидан чиқиб турар, машина сакраганда уларнинг аъзойи бадани оғрирди. Ўрмон йўлининг барча ўнқир-чўнқирлари — хавфли бурилишлар, нотекис йўллар бунга сабаб эди. Совуқ уюшиб қолган қўл ва оёқларига ҳамла қиларди. Бизга этап[1] олдидан берилган пахтали шимлар, пиймалар, пахтали камзул ҳам ёрдам бера олмасди. Деярли бутун кун бўйи ана шу тарзда совуқ йўлда сувсиз ва иссиқ овқатсиз юрдик.
Бизнинг этапимиз шимолий Уралнинг Соликамск жўнатиш лагерида совуқ эрта тонгда бошланди. Аммо мен учун этап бундан деярли бир йил олдин — мен Москва марказидаги Дзержинский майдонида — “Темир Феликс”нинг қаршисида 1966 йилнинг 19 майида қамоққа олинган куним бошланган эди. Мен учун машъум ўша кунда мени бешта яхши кийинган бақувват йигитлар ушлаб олиб, қора “Волга”га судраб олиб киришди. Нигоҳим охирги марта гавжум ва машиналар қатор турган майдонга, жиддий боқиб турган темир ҳайкалга тушди: хайр, озодлик! Кейин машинанинг орқа ўриндиғида икки томонимдан иккита кучли йигит маҳкам ушлаб турганларида мен улардан бирининг хириллаган овозда: ”Совет ҳокимияти мустаҳкам” деганини эшитдим. Мен овозимни чиқармадим. ...Мени қамаётганларида ҳам Муқаддас Ёзувнинг: “Жаҳлини тийган — қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ” (Ҳикмат.16:32) деган сўзларини эсда тутиб қаршилик кўрсатмадим.
Мен нима қилаётганимни билардим. Москва марказидаги бу қамоққа олинишимни ҳам билардим. Аммо бошқача йўл тута олмасдим. 1966 йилнинг 16 майида 500 кишидан иборат художўйлар делегацияси Украина, Молдова, Белоруссия, Кавказ, Сибирь, Урал-Ленинград ва бошқа кўп шаҳарлардан Москвага келишди. Булар хушхабарни тарғиб қилгани учун таҳқирланган масиҳий баптистлар вакиллари эди. Улар давлат бошлиқлари билан учрашишни сўрашди, уларга тақводорларнинг таъқиб қилинаётгани ҳақида арзномалар ва илтимосномалар топширмоқчи эдилар. Аммо кейинги куниёқ — 17 майда шу ерда, Москва марказида — Партия Марказий кенгаши биносининг олдида ҳаммалари қамоққа олиндилар.
Делегациянинг қамоққа олинишидан икки кун кейин, тақводорлар менга ва менинг эътиқод бўйича биродарим Хорев Михаил Ивановичга делегация тақдирини аниқлаш учун Партия Марказий Комитетнинг қабулхонасига боришни топширишди. 19 майда биз Михаил Иванович билан бирга Марказий Комитетнинг қабулхонасига бордик, делегация тақдири ҳақида расмий талаб қўйдик ва натижада қамоққа олиндик. Аммо Худо сўзи шундай дейди: “Сенга қарши ясалган Ҳар қандай қурол ғалаба қилмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамни Сен маҳкум қиласан. Менинг қулларимнинг улуши мана шу, Уларни Мен оқлайман” (Ишаё 54:17).
Биз Муқаддас Китоб сўзларига ишонар эдик. Биз, шунингдек, Масиҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам эсда тутардик: “Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ” (Юҳан.15:13). Москвага Худо севгиси номи билан делегация келди — унинг мақсади таҳқирланганларни ҳимоя қилиш эди, лекин қамоққа олинди. Шу севги номи билан биз ҳам Хорев билан делегация тақдирини билиш учун борган эдик.
Бизни қамоққа олишгандан сўнг Лефортов қамоқхонасида қатъий ажратиб қўйиш режимида ушлаб туришди, тергов қилишди — кейин суд ва ҳукм чиқарилди: умумий тартибли лагерда 3 йил. Кейин Москва шаҳридаги Красная Пресня жўнатиш қамоқхонасида панжара орқали хотиним билан бўлган қисқа учрашув, “Столипин” вагонидаги этап, Пермь жўнатиш қамоқхонаси, кейин Соликомскдаги жўнатиш лагери. Ва мана энди — яна Шимолга этап...
Москвада, Красная Преснядан бизни жўнатаётганларида аллақачон баҳор нафаси келиб қолган, қор эрий бошлаганди. Бу ерда — Уралда — эса ҳали қаҳратон қиш фасли эди. Биздан икки ҳафта илгари Соликомскдан Шимолга худди шундай усти очиқ юк машиналарида жуда қаттиқ совуқда жўнатилган маҳбусларнинг олдинги этапи ҳаёти фожеали тугади: йигирмадан ортиқ маҳбусларнинг қўллари, оёқлари, юзларини қаттиқ совуқ уриб кетди. Уларнинг кўпчилиги бир умрга ногирон бўлиб қолишди. Кейинчалик, лагерда бўлган пайтимда мен уларнинг баъзиларини кўрдим. Айниқса менинг хотирамда бир ёш маҳбус қолди: у йигирма ёшларда бўлиб, лагер ичида жуда қийинчилик билан таёққа суяниб ҳаракатланарди. Ўша пайтда ёз ойи эди. Унинг иккала оёқларининг товонлари қоп-қора эди. Иккала оёқларининг бармоқлари суяклари аста-секинлик билан қуриб борар ва бирин-кетин тушиб кетарди. Баъзида эса ўзи уларни пичоқ билан кесиб ташларди. Кейин эса бечора маҳбус бармоқлари қолдиқларини латта-путталар билан боғлаб қўярди. Даҳшатли томоша...
Биз ўтиб бораётган жойлар эса жуда гўзал эди! Қиш ўрмони, ҳамма нарса оппоқ ялтироқ қор қоплами билан ўралган... Одатда қиш пайтида бўладигандай, ёрқин қуёш нурлари текис қарағайлар ва учлари оппоқ қордан шапка кийган баланд Урал кедрлари шоҳлари орасидан сизиб ўтадилар. Бугунги совуққа чидаса бўлади: 20–25°Сдан ортиқ эмас. Қуёш нурлари остидаги қор кўкимтир товланади ва худди шуъла сочаётганга ўхшайди. Қарағайлар ва арчаларнинг шохларида йирик—йирик юмшоқ қор парчалари. Атрофдаги ҳамма нарсалар оппоқ, тоза ва сокин — худди эртаклардаги қишки шоҳликка ўхшайди. Худонинг дунёси, Худо яратган нарсаларнинг гўзаллиги ажойиб! Атрофга хушбўй ҳид таралиб турибди, ҳаво тоза, мовий осмон қандай гўзал ва бепоён!
Мен ёнимда ўтирган маҳбусга қарайман: озғин, соқоллари олинмаган, юзи қалин сарғиш соқол билан қопланган. Унинг бошида маҳбуслар киядиган қишки шапка — маҳбуслар ҳазиллашиб уни “балиқ териси”дан деб аташади. Бу шапка сичқон рангига ўхшаган кулранг. Унинг эгнида ҳам худди шундай кулрангдаги ўхшовсиз пахтали камзул. Худди полиздаги қўриқчига ўхшайди. Ўзим ҳам худди шундайман. Бу одам билан мен салгина танишман: унинг исми Василий, у менинг тенгдошим, москвалик, Москва марказида ёқалашгани учун уч йилга ҳукм қилинган. Биз у билан ҳали Пермдалигимиздаёқ бир жўнатиш камерасида бирга ўтирганмиз ва Худо ҳақида суҳбатлашганмиз. Василий ғамгинлик билан атрофга қарайди. Совуқдан ва қаттиқ шамолдан унинг кўзларидан соқоли олинмаган ёноқларига аста-секин кўз ёшлари думалаб, сариқ соқоллари орасида музлаб қолади. Мен унга ачинаман. Уни қандай қилиб бўлса ҳам руҳини кўтариш, жонлантириш учун мен!
— Василий, қара, атроф қандай гўзал: қандай ажойиб қиш манзараси! Буларнинг барчасини Худо яратган! — дейман.
— Сен яхшиси, ўзингга қара! — жавоб қилади у менга. — Кимга ўхшайсан?! Совуқдан жунжикиб қолгансан, очсан. Яна: “Гўзал ажойиб ўрмон!” деб такрорлайсан. Совуқ, совуқдан қотиб қоляпмиз, сен эса Худо, Худо дейсан!
Мен чиндан ҳам машинамиздаги бошқа маҳбуслар каби совқотяпман, аммо қалбимда қувонч ва ёруғлик бор. Худо ҳақидаги фикрлардан танам иссиқроқ бўлаётганда ўхшайди: Мен бу ажойиб, гўзал ўрмонни, бу тоза қорни ва биз-одамларни Ким яратганини биламан. Бу — Тангри! У бизни севишини, одамларга эзгулик, нажот ва мангу ҳаёт таклиф қилишини ҳам биламан. Мен худди шу ҳақда ўз ҳамроҳимга айтиб бермоқчиман: “Биласанми, Василий, этап — бу ҳали ҳаммаси эмас! Бизнинг устимизда — донишманд, мангу ва бизни севувчи Олий Куч бор. Хушхабарда бир оят бор. У жуда муҳим ва унда масиҳийликнинг бутун моҳияти ифодаланган”. Шунда мен совқотган лабларим билан Юҳанно Хушхабарининг 3:16 оятини айтаман:
Менинг олдимда ва ёнимда ўтирган бошқа маҳбуслар ҳам гапларимни тинглашяпти. Ўнг томонимда ўтирган, худди шундай совқотган ва оч қолган қўшним шундай дейди: “Сиз — баптистлар ғалати одамларсиз, фақат Худо ҳақида гапирасиз, ўз эътиқодингизни тарғиб қиласиз!”
Совуқ, жуда совуқ. Аммо қоронғи ва ифлос жўнатиш қамоқхонасидан, унинг дим, қўланса тамаки ҳидига тўйинган ҳавосидан сўнг кескин фарқ — ўрмонга тушиб қолиш, гарчи соқчилар назорати остида бўлса-да. Машиналар бир томондан иккинчи томонга чайқалиб тутун чиқариб зўрға олдинга юришади. Йўлни эса қор босиб қолган, у кўринмайди. Жуда кўп бурилишлар, тепаликлар ва ўнқир-чўнқирлар. Машина худди ҳали ҳам инсон қадами етмаган табиий ўрмондан бораётганда ўхшаб туюлади...
Йўл ёқасидан қор устида ўрмон ҳайвонларининг ва қушларнинг жуда кўп излари аниқ кўриниб турибди. Озод ҳайвонларнинг, озод қушларнинг... Ҳайвонлар хоҳласа йўлдан югуриб юради, хоҳласа ўрмон ичкарисига кириб кетади ва ҳеч ким унга қаерга боришни, нима қилишни буюрмайди... Қушлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади: қаерга хоҳласанг — шу ёққа, уч — эркинлик, озодлик! Бу қандай гўзал — озодлик!
Маҳбус учун эса ҳамма нарса таъқиқланган, ундан ҳамма нарса тортиб олинган. Унинг ҳаёти соқчилар қўлида. Машина кузовида аскар ва итнинг ёвуз ва эҳтиёткор нигоҳи остида сенга қаратилган автомат оғзи рўпарасида қимирламай ўтир... Шубҳасиз тортиб олинган эрк ҳақидаги, тутқунликнинг оғирлиги тўғрисидаги доимий фикрлар ҳар бир маҳбуснинг онгида яшайди. Аммо бугун совқотган, оч, одам тўла машинада ноқулай вазиятда қимирламасдан ўтиргандан оёқ-қўллари қотиб қолган маҳбуснинг биргина истаги бор: тезроқ инсонлар яшайдиган иссиқ жойга бориш, майли лагер бўлса ҳам. Шимол томонга олиб кетаётган номаълум лагер шундай азиз —қадрдон уйимизга ўхшаб туюла бошлайди. Тезроқ етиб борсайдик.
Тўсатдан кутилмаганда, ўрмон ортидан катта қишлоқ кўринди. Ўрмон инсон учун жой бериб тамом бўлади. Тайга йўли баланд қор уюмлари йиғилган кенг кўчага айланади. Кўчанинг икки томонида вақт таъсирида йўғон ёғочлари қорайиб кетган катта-катта уйлар қад ростлаб турибди. Ҳар бир уйнинг олдида тепасида йўғон қорайган тахталардан ясалган кичикроқ томга ўхшаган соябони бор дарвозалар бор. Нарироқда эса, ҳовлилар ичкарисида яна ёғочдан қурилган баланд омборхоналар қад ростлаб турибди. Омборхоналарнинг ясси томларида баҳайбат қор шапкалари. Баъзи уйлар икки қаватли. Барча биноларнинг қурилганига камида 100 йил бўлган, аммо улар ҳали мустаҳкам эканлиги кўриниб турарди. Уйлар ҳам, омборхоналар ҳам бизга машинадан жуда баланд, қадимий ва қудратли, худди қадимги рус достонлари вақтида қотиб қолган қалъаларга ўхшаб туюларди.
Маҳбуслардан кимдир: “Бу — Чердинь” деди. Мен илгари ҳам Чердынь ҳақида эшитгандим — бу қадимий рус шаҳрига XV асрда новгородликлар томонидан асос солинган. Ўтган асрда Чердынь сургунлар маконига айланганди. Аммо сургун қилинган аҳоли, айниқса, бизнинг асримизнинг 20–30-йилларида кўпайди: 30-йилларнинг бошларида бу ерга шоир Осип Мендельштам сургун қилинганди. У шу ердаги маҳаллий касалхонада ётган, бутунлай умидсизликка тушиб 2-қаватдан ўзини пастга ташлаб ўлдирмоқчи бўлган.
Маҳбуслар ўтирган машиналар кимсасиз майдоннинг қоқ ўртасида тўхтади. Атрофда қор ва вақт ўтиши билан қорайиб кетган уй деворларидан бошқа ҳеч нима йўқ эди. Қўларида мактаб сумкасини ушлаган бир нечта мактаб ўқувчилари сал нарироқдан бизга диққат билан қараб туришибди. Бир гала маҳаллий итлар қаттиқ ҳуриб тўхтаган машиналарга қараб югуришди. “Бизни озод қилиш учун югуриб келишяпти”, — ҳазиллашди тутқунлардан кимдир. Аммо Чердинь итлари машиналардан аскарлар билан бирга сакраб тушаётган йиртқич соқчи итларни кўриб думларини қисиб қочиб қолишди. “Ёмон қутқарувчилар, қўрқоқлар!” — ҳазиллашишди маҳбуслар.
Фақат ўқувчиларгина жойларида қолиб қараб туришарди. Маҳбуслар, айниқса, оилалилари кўзларида соғинч билан уларга боқишади: кўпларининг уйда болалари қолган... Яна қачон уларни кўриш насиб қиларкан! Болалар эса ҳам ҳам бизга қараб туришарди. Афтидан улар маҳбуслар тушган машинани, автомат ушлаган аскарлар ва шафқатсиз қоровул итларни биринчи марта кўрмаётган эдилар. Уларнинг қалбларида кўрганларидан нима қолади: яхшиликми ёки ёмонликми? Шафқатми, ёки шафқатсизликми? Сургун қилинганлар ва маҳбусларнинг бир неча авлодлари шу шаҳар орқали ўтишган, кўп сургун қилинганлар ҳозир ҳам бу шаҳарда яшашади. Бу, эҳтимол, ўшаларнинг болалари ва набиралари, ҳозир навбатдаги этапга жим қараб тургандирлар?
Соқчи зобитнинг командасига кўра, бизга ҳам машиналардан тушишга ва оёқларимизнинг чигалини ёзишга рухсат беришади. Аммо ҳаммага бирдан эмас: олдин биринчи машина, кейин иккинчиси, сўнгра учинчиси — навбат билан. Аскарлар итлари билан бизни машиналар ёнида қўриқлаб турибдилар, бизнинг юришга ёки сакрашга ҳақимиз йўқ, биз фақат қотиб қолган оёқларимиз ва қўлларимизнинг чигалини ёзиш учун турган жойимизда сал қимирлашимиз мумкин. Деярли барча маҳбуслар тамаки тутунини очкўзлик билан ютиб чекишади. Ҳамманинг сезиларли даражада руҳи кўтарилди. Улардан бири менга папирусни кўрсатиб: “Сен, художўйсан ва буни тушунмайсан! Мен учун эса тамаки нондан ҳам, ҳаттоки озодликдан ҳам азизроқдир”, — дейди.
Кейин бизни яна машиналарга ўтқазишади. Аммо биз ҳали бир соатдан ортиқроқ турамиз. Аскарлар навбат билан қаергадир бориб келишди; эҳтимол, овқатланишгадир. Ниҳоят, машиналар тайга йўлидан яна йўлга тушишди. Бизнинг йўналишимиз фақат Шимолга ва Шимолга қараб боради. Аммо биз бугун Чепечанкадаги ўз лагеримизга етиб бора олмаслигимизни, бугун ҳисобида навбатдаги жўнатиш лагери Чепецга ета олишимизни билардик. Аммо биз шунга ҳам хурсанд эдик. Фақат тезроқ иссиққина жойга етиб олсак бўлди. Кечга томон кескин совуқ тушди. Биз қаттиқ совқота бошладик. Маҳбуслар бир-бирлари билан суҳбалашишни батамом тўхтатишди. Юзлари қотиб қолди, агар бир нарса демоқчи бўлсанг, итоатсиз лаблар ҳеч тушуниб бўлмайдиган товушларни айтарди. Бир нарса аниқ эди: “Совуқ! Совқотяпмиз!”
Кечқурун соат еттиларда машиналар Чепец лагерига етиб келишди. Баланд девор, яна битта эмас, бир неча қатор, темир дарвоза, бурчакларда аскарлар турган миноралар. Вишкаларнинг устида кучли таъқиқланган жойларни ёруғ нур билан ёритиб турган прожекторлар. Чепец қатъий тартибли лагер эди. Бу ерда 2000га яқин маҳбуслар бор. Лагернинг ёнида тахталар, бруслар ва мебель тайёрлайдиган ёғочни қайта ишловчи завод бор эди. Заводда маҳбуслар ишлашарди. Чепец лагери ҳам шунингдек, ушбу районга келадиган маҳбуслар этаплари учун жўнатиш пункти бўлиб хизмат қиларди. Шу ердан уларни Уралнинг узоқ шимолий лагерларига юборишарди.
Буйруққа асосан машиналардан сакраб ерга тушамиз. Аммо иссиққача ҳали бор, ҳали бизни тинтув қилишади. Бизнинг қаршимизда баланд туширилган шлакбаумли темир дарвоза. Тинтув бошланди — тўғри совуқда қор устида, прожекторларнинг шуъласи остида. Ҳамма нарса текшириляпти: кийим-бош, пойафзал, шахсий нарсалар. Токи аскарлар ва зобитлар нарсаларни синчиклаб текшириб бўлгунларича қор устида фақат пайпоқда туриш жуда совуқ. Ҳамма совуқдан қалтирарди. Атрофимизда эса муайян бир масофада ярим доира бўлиб биз томонга қаратилган автоматлари ва соқчи итлари билан аскарлар туришарди.
Қалбимда оғир тош бор эди: мен Киевда азиз оиламдан ва дўстларимдан, жамоатдан қанчалар узоқда эдим. Шимол, тайга, лагерь! Агар барчасига эътиқодсиз ва ишончсиз қаралса, оғир умидсизлик шимолнинг муз нафаси билан юракни қамраб олади. Ушбу майда-чуйдасигача бегона дунёда масиҳий қандай ёлғиз! Ҳамма нарса бизга — художўйларга қарши. Биз руҳий уйғониш байроғини кўтардик, руҳий қадриятларни ва ҳаётнинг, эътиқоднинг барча саволларида Муқаддас Китобнинг мутлақ нуфузини ҳимоя қилдик. Эзгулик ва ҳақиқатнинг ғалабаси ҳақида гапиряпмиз. Буларнинг барчаси орзу эмасми, қатъий адоватли ҳақиқатдан узилиб кетиш эиасми? Худосиз, улкан мамлакатда Масиҳга ишонадиганлар ва унинг таълимоти бўйича яшайдиганлар қанчалар кам! Улар кимлар: хаёлпарастларми ёки “ўтмиш қолдиқларими?” “Лагерь ҳаёти сизга сизнинг адашаётганингизни кўрсатади!” — деди менга бундан бир ой илгари Лефортово қамоқхонасида КГБ полковниги Петренко. Ўшандан бери мен этапларнинг, қамоқхоналарнинг ва жўнатиш пунктларининг “жозибалари” билан бироз танишдим. Лагерга келганимдан сўнг ўз кечинмаларимни “Бандининг фикрлари” шеъримда ифодаладим:
Бизни ярим доира шаклида ўраб олган ва арқонларидан ушлаб турилган итлар чарчашди, улар ҳам очқаган эди. Уларнинг сабр-тоқатлари тугаб борарди: тезроқ казармага, қоровулхонага. Улар сабрсизлик билан ҳуришарди. Баъзида эса биз томонга қараб жаҳл билан ҳуришади. Қор устидаги тинтув эса давом қиляпти. Менинг нарсаларим турган қопимда Муқаддас Китоб бор эди. мени тинтув қилаётган аскар қопимдан бошлади ва дарҳол Муқаддас Китобни топиб олди. У, эҳтимол, Муқаддас Китобни биринчи марта кўраётгандир ва жуда ҳайрон қолади:
— Бу нима, ҳақиқий Муқаддас Китобми? — сўрайди у китобни секин варақлаб.
— Ҳа, ҳақиқий, — деб аранг жавоб бераман совқатганимдан ва жуда чарчаганимдан.
— Сенга лагерда рухсат беришмайди! — аскар кўзлари билан зобитни излаб. Муқаддас Китоб эса ҳали ҳам унинг қўлида эди, у эса нима қиларини билмасди.
“Муқаддас Китоб хавф остида! Мендан Муқаддас Китобни тортиб олишлари мумкин!” — бу фикр миямдан яшиндай ўтди. Мен ҳатто исиб кетдим. Лефортово қамоқхонасида бундан ярим йил илгари Муқаддас Китоб қўлимда бўлиш ҳуқуқи учун курашгандим. Мен қамоқхона бошлиғи номига камерада Муқаддас Китобдан фойдаланишга рухсат беришини сўраб ариза ёзгандим. Ўшанда мен олти кун овқат емасдан, Худога, менга ёрдам бер, деб ибодат қилдим.
Ўшанда мен камерада Миша исмли 35 ёшли бир маҳбус билан бирга ўтирардим. У мени ишонтирмоқчи бўларди: “Ўзингизни қийнаманг, оч юришни бас қилинг, овқатланинг! Овқат шундай ҳам яхши эмас, паст калорияли. Организмингиз заифлашган, соғлиғингизга путур етказманг! Лефортово қамоқхонасида сизга ҳеч қачон Муқаддас Китобни бериб қўйишмайди. Чунки бу КГБнинг асосий қамоқхонаси — бу ерда ҳали ҳеч қачон ҳеч кимда Муқаддас Китоб бўлмаган!”
Аммо олти кундан кейин мен Муқаддас Китобни олдим. Камерамизга зобит келиб менга Муқаддас Китобни топширганда, ҳамхонам жуда ҳайратланди. Ўшанда зобит шундай деганди: ”Мана китобингиз, уни хоҳлаганингизча ўқишингиз мумкин!” Зобит камерадан чиқиб кетгандан кейин Миша мендан илтимос қилди: “Менга Муқаддас Китобни ўқишга рухсат берасизми? Мен ҳали умримда бу китобни қўлимга ушламаганман!” Ярим йил давомида Муқаддас Китоб ёнимда, ё Мишада бўлди ва биз доимо ўқирдик.
Мана энди Муқаддас Китобни мендан тортиб олишмоқчи. Мен энди совуқни сезмасдим. Аскар қўлида Муқаддас Китобни ушлаб иккиланиб турарди: у зобитни кутарди. Аммо унинг ёнига ҳеч ким келмасди, чунки барча зобитлар ва аскарлар тинтув билан банд эдилар. Улар шошардилар, чунки ўзлари ҳам совуқ қотгандилар. “Муқаддас Китобни қопимга қайтариб сол, — секин ва хотиржамлик билан дедим мен. — Шовқин кўтарма! Муқаддас Китоб — яхши китоб, у менга жуда керак. Москва қамоқхонасида уни менга қайтариб бермагунларича олти кун нон емаганман”. Бу гапларнинг барини мен тез, аммо паст овозда фақат унинг бир ўзи эшитадиган қилиб гапирардим. Аскар бир дақиқага ўйланиб қолди. Кейин китобни қайтариб менинг қопимга солди. “Раҳмат!” — дедим мен секингина.
— Сенга қайси моддани беришган? — сўради аскар.
— Диний! Мен уч йилга Худога бўлган эътиқодим учун ҳукм қилинганман.
— Мен сенинг художўй эканлигингни дарҳол билдим, — деди аскар ва мени тинтув қилишни бас қилиб. “Бор!” — деди у менга баланд овозда. Кейин секин қўшиб қўйди: “Муқаддас Китобни бу ерда жўнатиш пунктида ўқийвер. Чепечанка лагерида уни сендан барибир тортиб олишади: у ернинг бошлиғи жуда қаттиққўл”.
Тинтувдан сўнг бизларни лагерга киритишди. Соқчилар ва итлар лагер ташқарисида қолишди. Биз эса нарядчи — маҳбус ҳамроҳлигида зона бўйлаб жўнатиш барагига борардик. Нарядчик бизга тушунтиради: “Бу ерда 3–4 кун бўласизлар. Кейин эса сизларни темир йўлдан Чепечанкага — умумий тартибли лагерга олиб кетишади”.
Мен савол бераман:
— Чепечанкага неча километр?
— 70, — жавоб берди у. Маҳбуслардан кимдир аниқлиқ киритиб сўрайди:
— Нима, бу ерда, Шимолда темир йўл борми?
— Ҳа, бор, узунлиги 70 км: Чепецдан Чепечангача. Аммо фақат тор изли темир йўл. Уни ҳам урушдан илгари қуришган, — изоҳ берди нарядчи.
Жўнатиш бараги иккита кичик хонадан иборат. Уларни лагерда бошқача қилиб бўлим деб ҳам аташади. На кроват, на сўри бор. Полда ухлашади. Аммо пол тахта ва барак ичи иссиқ, печ ёниб турибди. Қандай яхши. “Иссиқроқ бирон нарса бўлсайди, — илтимос қилишди маҳбуслар. — Кун бўйи овқатсиз юрдик!” Нарядчи бизни лагер ошхонасига бошлаб борди. Кечки овқатнинг тугаганига анча бўлган. Ошхонада навбатчи ошпаздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Биз бу этапда олтмиштача эдик. Ҳар биримизга бир товоқдан қолган лагер шўрвасидан беришди: овқат фақат сув ва бир нечта пишиб кетган ёрмадан иборат. Аммо иссиқ овқат, ҳаттоки хушбўй туюлади, биз хурсандмиз. Бизга бир катта бўлакдан қора нон берганларида янада хурсанд бўлдик: овқатланиб бўлдик, исиндик ва анча руҳимиз кўтарилди... Нарядчи кетди, биз эса жўнатиш бараги томон йўл олдик.
Уч кундан сўнг бизни Чепечанкага олиб кетишди. Энди бизни машиналарда эмас, маҳбуслар вагонида тор изли темир йўлдан олиб кетишарди. Бу йўлдан Чепечанка лагеридаги ёғоч тайёрлаш заводидан ёғочни Кама дарёсига олиб келиш учун фойдаланишарди, кейин эса катта ёғоч баҳорда дарё бўйлаб пастга оқизиларди. Маҳбуслар тушган вагонни мотавоз тортиб борарди. Бир неча соатдан бери йўлдамиз, жуда секин ҳаракатланяпти, чунки темир йўл жуда ёмон, деярли авария ҳолатида эди.
Кечга томон Чепечанкага етиб келдик. Яна лагер олдида қор устида тинтув. Яна менинг Муқаддас Китобимни топишди ва четга қор устига олиб қўйишди. Тез орада барча маҳбусларни лагерга киритишди. Катта темир давроза очилиб навбатчи зобит маҳбусларнинг фамилияларини рўйхат бўйича ўқиди ва ҳар бир одам ўз исми, фамилияси, отасининг исмини, туғилган йили ва ўзига берилган жиноят кодекси моддасини, неча йилга кесилганини айтиб лагер зонасига киради. Менинг навбатим келганида, зобит мени тўхтатади.
“Олдин лагер бошлиғига учранг! У сиз билан шахсан суҳбатлашади!” Кейин зобит аскарлардан бирига деди: “Унинг нарсалари ва Муқаддас китобни олиб, бошлиқнинг хонасига олиб бор”.
“Менинг кетимдан юринг!” — менга мурожаат қилди аскар. У мени лагер бошлиғининг хонаси жойлашган хизмат биносига олиб борди. Бошлиқнинг хонаси — унча катта бўлмаган, катта эман дарахти ёғочидан бўлган эски стол, панжарали иккита кичик деразаси бўлган ва хона бурчагида оғир темир сандиқ турган хона эди. Деворда узун товонигача шинел кийган ва бутун бўйи билан тушган Дзержинскийнинг катта сурати. Суратда Дзержинский жуда озғин, ёноқлари чўккан. Стол орқасида ўтирган одам — лагер бошлиғи Станицкий ҳам худди шундай қиёфада.
Зобит мени кабинетга олиб кирганда, Станицкий аллақачон менинг ҳужжатларимни диққат билан ўрганиб ўтирарди: айблов хулосаси, Москва судининг ҳукми, менинг суддаги ёзувларим. Улар жуда кўп эди, 200 варақча, мен уларни катта папкада сақлардим. Унинг олдида шунингдек, мен учун энг қимматли нарса — катта, оғир — Москвада нашр қилинган Муқаддас Китоб ётарди. Бошлиқ ҳар бир қоғозни диққат билан кўздан кечирарди. Кейин қўлига Муқаддас Китобни олиб варақлай бошлайди ва мен тагига чизиб қўйган ҳар бир оятни ўқийди.
— Муқаддас Китоб — таъқиқланган китоб, мен уни лагерга киритмайман! — узил-кесил гапирди у.
— Нима, Муқаддас Китоб бизнинг мамлакатимизда расман манъ қилинганми? — сўрайман мен. — СССР Конституцияси Муқаддас Китобни таъқиқламаган-ку!
Бошлиқ менга узоқ ва диққат билан тикилиб қарайди. Кейин унинг чеҳрасида мазах қилувчи кулги пайдо бўлади, у секин ва маъноли қилиб дейди:
— Ёзилган ва ёзилмаган қонунлар бор! Биз асосан ёзилмаган қонунларга асосан яшаймиз. Бу коммунизм ва материализм қонунлари. Ушбу қонунларга кўра, Муқаддас Китоб — зарарли китоб ва бу китоб таъқиқланган! Ёзилмаган қонунлар — Конституция ва бошқалар — бу сизлар — баптистлар учун эмас. Балки чет элликлар, инсон ҳуқуқлари тарафдорлари учун. Мана бизнинг Конституциямизни ўқийверишсин, биздаги виждон эркинлигига ҳайрон қолишсин! — шундай деб у сурбетларча кулди.
Мен шимолий Урал ўрмонлари ичида жойлашган бу лагер бошлиғи оддий одам эмаслигини тушундим. У динсиз давлатининг динга нисбатан сиёсатини яхши биларди.
— Сиз қандай муддатга ҳукм қилингансиз? — сўради бошлиқ яна менинг қоғозларимга диққатини қаратиб.
— Уч йилга, — жавоб қилдим мен .
— Қаерда ҳукм чиқаришди?
— Москвада.
— Нега бунча қоғозларингиз кўп?! — бошлиқ стол устига ишора қилди. — Бу ерда бир неча юзта қоғоз бор. Қандайдир илоҳй ёзувлар, шеърлар... Сиз нима ёзувчимисиз?
— Ёзишни яхши кўраман. Аммо бу, — мен қўлим билан қоғозларни кўрсатдим. — асосан менинг Москвадаги суд жараёнига тайёргарлик қилиб ёзганларим.
Станицкий қоғозларимни кўришда давом қилади. Баъзиларини у диққат билан ўқийди. “Ўтиринг!” у ниҳоят менга эшик олдидаги стулни кўрсатди. Сукут ичида ўн беш дақиқача вақт ўтди. Бир неча марта Станицкий бошини кўтариб менга синовчан назар ташлади. Кейин у ўрнидан турди, столдан узоқлашиб, умуман расмий бўлмаган, дўстона оҳангда сўради: “Кутиш зерикарлими? Яхши, сиз ҳозир зонага борасиз. Қоғозларингизни мен ўзимда олиб қоламан. Яна бир кўриб чиқаман ва эҳтимол қайтариб берарман. Муқаддас Китобни эса — йўқ!” Станицкий эшикни очди ва коридорда тахта пол юваётган маҳбусни баланд овозда чақирди: “Навбатчи!”
Шунда кутилмаган бир воқеа юз берди: маҳбус бошлиқнинг хонасига кирганда, мен ҳайрон қолдим — бу мен жуда яхши танийдиган Фёдор Владимирович Маховицкий эди: у икки йилга лагерга ҳукм қилинган бизнинг Ленинграддаги қайд қилинмаган жамоатимизнинг просвитери эди. Биз қучоқлашиб, хурсанд бўлиб бир-биримиз билан кўришдик.
“Маховицкий, Масиҳдаги биродарингни қабул қилиб ол! Ўзинг яшайдиган биринчи баракка жойлаштир. Аммо, қара, уни дарҳол тунаб кетишмасин, биласан-ку бу ерда бизни янгиларни шундай қарши олишади!” лагер бошлиғи ўрнидан туриб столидан нарироқ бориб, бизга қизиқиш билан қаради. Фёдор Владимирович икки ойдан бери шу лагерда эди. Лагерда яна бир тақводор — Кавказлик Каншауби Джангетов ҳам бор эди. Бу ҳақда менга биринчи дақиқалардаёқ Фёдор Владимирович айтиб беришга улгурди. У гапиришни, ўз таассуротлари билан ўртоқлашишни хоҳлаётгани сезилиб турарди.
“Мен Москвадаги бошлиқларни тушунмайман — нима сабабдан улар менинг лагеримга учта баптистни юборишди?!” — бошлиқ бизга савол назари билан қаради. Аммо биз жим турардик. “Қулоқ солинг, Винс! Сиз баптист котибмисиз? Мен сизни ҳукм қилинишингиздан буни тушундим. Маховицкий, сиз эса Ленинградлик баптист попсиз, шундайми? Кавказлик Джангетов эса — баптист мусулмонларининг бошлиғи! Ана бўлмаса — баптистлар учлиги!” Кейин у қўлини силтади ва Маховицкийга мурожаат қилиб: “Уни баракка олиб бор!” — деди.
— Менинг Муқаддас Китобим—чи? — сўрадим мен бошлиқдан. — Уни менга қайтариб беринг! Мен шу Муқаддас Китобдан Москвадаги Лефортовода — КГБнинг қамоқхонасида фойдаланганман.
— Йўқ. Муқаддас Китобни мен зонага қўймайман! Мен бутун лагер баптистларга айланишини истамайман. Боринглар! — дўқ қилди бизга қараб бошлиқ.
Биз зонага кирганимизда, мен билан бир этапда келган ўртоқларим ҳали баракларга тарқалишмаганди. Улар дарвоза яқинида туришарди. Барча янги келганларни, ёки бу ерда “янги этап” деб аталадиганларни шу ердаги маҳбусларнинг катта гуруҳи ўраб олганди. Маховицкийни навбатчи зобит чақирди, мен маҳбуслар орасида ёлғиз қолдим. Одатдаги саволлар: “Этап қаердан? Москваликлар, Ленинградликлар борми? Озодликда нима янгиликлар? У ёқда ҳаёт қандай?” Тайга лагери аҳолининг озодликдаги ҳаётдан жуда узоқликлари сезилиб турарди. Баланд бўйли, озғин маҳбус менга шундай деди: “Мен ўн олти ёшимдан бери лагердаман. Ҳозир мен йигирма тўққиз ёшдаман. Мен озодликдаги ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайман!”
Мени 5–6та маҳбус ўраб олди ва деярли зўрлаб четга олиб чиқишди: “Пул, чой, тамаки борми?” — улар менга еб қўйгудай бўлиб қараб туришар ва жавоб кутишарди. Мен лагерда биринчи мартаман, ҳали унинг тартиб-қоидасини билмасдим.
— Мен чекмайман. Мен — тақводор масиҳийман! Пулим ҳам йўқ. Ахир, лагерда ёнингда пул бўлиши мумкинми? — соддалик билан сўрадим мен.
— Сен пулларни қаерингга тикдинг? — яна сўрайди маҳбуслардан биттаси, менинг камзулимдан тортқилаб. Мен индамайман...
— Барибир топиб, олиб қўямиз! — қўшилди иккинчиси.
Мен жим туравердим. Шундай машаққатли йўл ва қор устидаги тинтувдан сўнг иссиққина хона ва дам олиш ўрнига қароқчилар қўлига тушиш — оҳ, қандай даҳшат! Сал нарироқда яна бир маҳбус турибди — у ҳам қора камзул кийиб олганди. У русга сира ўхшамас, ўрта бўйли эди. Бу одам ҳеч нима демай менга қоп-қора кўзларини тикиб турар, ниманидир кутарди... Ниҳоят, мен бу ёқимсиз вазиятга нуқта қўйишга қарор қилдим. “Йигитлар, қулоқ солинглар! — мени ўраб олган маҳбусларга мурожаат қилдим (уларнинг мендан ёш эканлиги кўриниб турарди — ҳаммаси 20–25 ёшда эдилар). — Яхшиси, менга баракка қандай боришни кўрсатинглар, — мен лагер бошлиғи менга айтган барак рақамини айтдим. — Менда пул ҳам, чой ҳам, тамаки ҳам йўқ, деб айтдим-ку! Мен масиҳийман, Москва суди томонидан Худога эътиқодим учун уч йилга лагерга ҳукм қилинганман!”
Гуруҳ норозилик билан ғудраниб тарқалди. Аммо четроқда турган маҳбус бошқалар билан кетмади. У жимгина менга яқин келди: катта-катта кўзлар, қоп-қора қалин қошлар, қирғий бурун, озғин ёноқлар... Мен унга қандайдир бир хавотирлик билан қарайман: унга мендан нима керак? Ким у? Нега у бу вақт ичида четда турди, бир ўзим қолишимни кутди? Эҳтимол, у пул талаб қилганлардан ҳам хавфлироқдир? Мен кескин орқамга ўгирилдим ва энг яқин барак томонга қараб ундан узоқлаша бошладим, тўсатдан: “Сиз — масиҳиймисиз?” деган саволни эшитдим.
Мен бирдан тўхтаб қолдим, яқинлашиб келаётган маҳбусга қарадим. Балки, менга шундай эшитилгандир. Ким шундай жойда бу муқаддас сўзни айта олади? Тўсатдан унинг юзи кенг, деярли болаларча, унинг бутун қалби акс этган жилмайишдан ёришди... Йўқ, бу қароқчи эмас — бу дўст, менинг Масиҳдаги биродарим!
Мен дарров жавоб бердим: “Ҳа, мен Масиҳдаги биродарингизман. Сиз кимсиз?” Мен қўлимни чўздим. У ҳам менга қўлини чўзиб, қувонч билан деди: “Мен ҳам Масиҳдаги акангизман!” Биз қучоқлашдик, иккаламизнинг ҳам кўзларимизда ёш... Мен ўзимни таништирдим, менинг янги акам ҳам ўз исмини айтди. “Мен — Джангетовман, бу менинг фамилиям. Исмим эса — Каншауби. Мен черкас миллатиданман, Кавказда яшаганман. Мен мусулмонман. Ўн тўққиз ёшимда Исо Масиҳга худди ўз Қутқарувчимга эътиқод қилгандай эътиқод қилдим. Мана, йигирма йилдан буён Масиҳнинг издошиман. Энди эса Хушхабарни тарғиб қилганим учун бу ерда — лагердаман”. Унинг русча нутқи тўғри эди, аммо овози қандайдир бўғиқ эди.
Шундай узоқ Шимолдаги ўрмонлар ва қорлар орасидаги ёлғиз лагерда эътиқоддаги биродарингни учратиш қандай бахт! Тутқунликда ёлғиз бўлишинг, оғир, аммо икки ёки уч киши бўлса — бу жамоат-ку! Масиҳнинг Хушхабарда ва бизнинг юракларимизда ёзилган сўзлари кишини руҳлантиради: “Икки ё уч киши Менинг номим билан йиғилса, Мен уларнинг орасида бўламан” (Мф.18:20).
Масиҳдаги биродарлик — бу жуда буюк сўзлар! Улар ҳаётнинг ва ишончнинг янги уфқларини очиб қалбни иситишади ва қанотлантиришади. Мен биродарларимни учратдим, қишли этапнинг машаққатлари, совуқ, тутқунлик азоби, шафқатсизлик ва худосизлик судининг зўравонликлари эсдан чиқди. Буларнинг бари жуда узоқ-узоқларга чекинди. Ҳатто мен бир неча йиллик ҳаётимни ўтказишим керак бўлган Тайга лагерининг қаттиқ тартиби ҳам тушкунликсиз ва қайғусиз, умид ва ишонч ила қабул қилинади. Масиҳдаги биродарлик — бу сўзларда қандай куч ва кўтаринки руҳ мужассам!
Иккинчи боб
Каншаубининг ҳикояси
“Сиз мусулмон бўлгансиз, энди эса сиз Масиҳга эътиқод қиласиз — бу қандай содир бўлди? Айтиб беринг, Каншауби”, — сўрадим мен Масиҳдаги янги биродаримдан ишдан кейинги бўш кечқурунлардан бирида. У менга ўз халқи, ўз ҳаёти ва оиласи ҳақида айтиб берди.
Кавказ водийлари ва тоғлари орасида унча кўп сонли бўлмаган халқ — черкаслар яшашади. Уларнинг сони бугунги кунда 100 мингдан ортиқ эмас. Баланд оппоқ қорли тоғ чўққилари, тошлоқ ўзандан силлиқ тошларни шовқин-сурон билан думалатувчи тезоқар ва жадал тоғ дарёлари, ям-яшил гуллаётган водийлари. Барча шу гўзалликлар узра осмон, кундузи у кўм-кўк, жануб қуёши у узра нур сочиб туради, тунлари эса — қоп-қора, сирли, ёрқин ёнувчи юлдузлар... “Бу — менинг Ватаним! — шодлик билан жилмаяди Каншауби. — У ерда мен жуда севадиган ва Масиҳга жуда муҳтож менинг халқим яшайди!”
Каншауби болалик йилларини эслайди. Унинг ҳамма қариндошлари — мусулмонлар. У туғилиб ўсган овулдан унча узоқ бўлмаган жойда рус қишлоғи жойлашган эди. у болалигида қариндошлари ва қўшниларининг руслар ҳақида, уларнинг ҳаётлари ва урф-одатлари ҳақида айтиб берганларини кўп эшитган... Русларда ўз Худолари — Масиҳ бор ва руслар ўзларини масиҳийлар деб аташади. Черкас қарияларнинг айтиб беришларича, қачонлардир, 100 йиллар илгари руслар ва черкаслар ўртасида катта уруш бўлган... Аммо бугунги кунда улар тинч яшашади — рус қишлоғи ва унинг ёнида черкаслар овули. Кўп руслар черкас тилини билишади, кўпчилик черкаслар эса, айниқса ёшлар, рус тилида яхши сўзлашишади.
Черкас овулининг марказида устида ярим ой бор чиройли мачит бор. Рус қишлоғи ўртасида эса катта хоч бўлган проваслав жамоати. Бир куни овулга шаҳардан қандайдир бошлиқлар келишди. Улар овул халқини мачит олдидаги катта майдонга мажлисга йиғишди ва нима ҳақдадир узоқ гапиришди, баланд овозда қичқиришди ва қўлларини силкитишди. Уларни энг кўп ҳаяжонга солган нарса — бу черкаслар Худоси ва руслар худоси Масиҳ эди! Улар кўп марта: “Оллоҳ йўқ! Худо ҳам йўқ!” деб такрорлашди.
Йиғилишдан сўнг улар мачитни ёпиб, эшигига катта қулф осишди. Мачит мулласини эса қамоққа олишди. Оқ соқолли черкас қариялар норозилик билан бошларини ирғитиб, ҳаммалари нималардир ҳақида пичирлаб сўзлашишди. Тезда рус қишлоғидаги жамоатни ҳам ёпишгани ва унинг ҳам эшигига катта қулф осишгани маълум бўлди. Рус мулласини эса — руҳонийни ҳам қамоққа олиб кетишди. Бир йилдан сўнг жамоатни ҳам, мачитни ҳам дон-дун сақланадиган омборхонага айлантиришди.
Каншауби болаликдан кўп нарсалар ҳақида хаёл суришни яхши кўрарди. У айниқса кун бўйи бир ўзи ёлғиз қўйларни боққанда ўзи яхши кўрган иши билан шуғулланарди. У тез-тез русларнинг Худоси ҳақида ўйларди: Ким У?
“Худо муруввати туфайли мен тақводор бўлдим, — давом қилди ўз ҳикоясини Каншауби. — Худо менинг руҳим уйғониши йўлини белгилаб берди. Менинг онам Хушхабар ҳақиқатини билмаса—да Худога ишонарди. У Худога Яратувчи сифатида ишонарди, шунингдек, у дунёга ва тирикларнинг ҳам, ўликларнинг ҳам устидан Худо ҳукми албатта бўлишига ишонарди. У болаларига, яъни бизга шундай дерди: “Болаларим! Унутманглар: ҳар бир одамни ўлим кутиши муқаррар бўлгани каби, ҳаммани қайта тирилиш ҳам кутади. Вақти келиб ҳар бир одам Худо ҳукми олдида туради ва ҳар бир айтган сўзи, ер юзида ҳар бир қилган иши учун ҳисобот беради”. Онам бизга шу гапларни тез-тез такрорларди ва ёш болалигимизданоқ бизнинг юракларимизда Яратганга ва Ижодкорга ишонч, ўликларнинг қайта тирилишига ишонч уруғларини сочарди.
Мени болилигимданоқ ўлим ҳақида фикр даҳшатга соларди. Мен кўпинча: “Нима сабабдан Худо одамни ўладиган қилиб яратди? Оҳ, агар одам ҳеч қачон ўлмаганда эди!” каби саволлар устида бош қотирардим. 1942 йилда отам ўлди. 1946 йилда эса онам бахтсиз ҳодисага учради: уни машина босиб кетди. Шундай қилиб, биз етим бўлиб қолдик. Бу пайтда катта акам қамоқда эди. Бизнинг етим бўлиб қолган уйимизда мендан ташқари икки укам ва бир синглим қолди: бир укам тўрт ёшда, иккинчиси — 8 ёшда, синглим эса 12 ёшда эди. Укаларим ва синглимни боқиш учун уйимиздан 40 км. нарида узоқда бўлган тоғларда пода боқиш учун ёлландим. У ерда бизни холаваччамиз ўз оиласи билан яшарди, у бизнинг ўзининг уйига олиб кетди. У яшайдиган овул ёки русчасига қишлоқ аҳолиси аралаш эди: ҳам руслар, ҳам черкаслар. Аммо улар тинч яшашарди, жанжалашишмасди.
1947 йилнинг ёзи ўртасида мен бир йигитча билан танишдим. У ҳам чўпон эди. Бир куни биз подани суғоришга ҳайдаб келдик. Тушлик пайти эди. Унинг қариндошларидан кимдир унга тушлик келтирди. Мен ҳам укаларимни тушлик олиб келишларини кутаётган эдим. Биз суҳбатлаша бошладик. Унинг исми Володя эди. У менга ҳаёти ҳақида айтиб берди: “Бизнинг бувимиз художўй бўлган. Унинг ибодатлари туфайли барча ўғиллари урушда тирик қолган!” Кейин у қўшиб қўйди: “Биз баптистлармиз”. Мен умримда биринчи бор бундай сўзни эшитиб турган эдим. Шунинг учун “баптистлар” бу бир миллат деб ўйладим.
Аммо Володя менга тушунтириб берди: “Биз — художўйлармиз, бизда Муқаддас Китоб бор. Отам тез-тез ундан бизга парчалар ўқиб бериб туради. Бизнинг отамиз ичмайди, чекмайди ва ҳеч қачон сўкинмайди”. Шундай қилиб Володя менга ўз оиласининг масиҳийлик ҳаёт тарзи ҳақида сўзлаб бера бошлади. У менга буларни сўзлаб бераётганда, Муқаддас Китобдан жуда кўп оятларни ёддан айтиб берарди. Бу мени жуда қизиқтириб қўйди. Мен ундан:
— Қулоқ сол, Володя, менга Муқаддас Китобингни олиб кел. Мен уни ўқимоқчиман, — деб илтимос қилдим.
Аммо Володя шундай деб жавоб қайтарди:
— Муқаддас Китоб ҳаммага ҳам тушунарли эмас.
Мен сўрадим:
— Нега бундай? У рус тилида-ку! Мен рус тилида яхши ўқийман.
Аммо Володя менга барибир Муқаддас Китобни ўқиш учун олиб келмади. У шундай деди:
— Биласанми, Каншауби, Муқаддас Китоб — жуда азиз китоб. Отам уни жуда асрайди ва уни уйдан олиб чиқишга рухсат бермайди.
1948 йили мен колхозга ишга кирдим. У ерда мен яна тақводорлар билан учрашдим. Мен колхозда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қиз билан танишдим. Олдинига мен унинг ким эканлигини билмадим. Аммо у бошқалардан ўзининг камтарлиги билан ажралиб туришини сездим. Мен қизиқиб қолдим ва болалардан у ҳақда суриштира бошладим. Улар: “У — баптист!” — дейишди. Ана шундай мен яна “баптист” сўзини эшитдим. Менинг саволларим кўп эди. Мен у билан яқинроқ танишишга қарор қилдим. У менга дуёнинг яратилиши ва барча нарсанинг Яратувчиси Худо ҳақида, Исо Масиҳ ҳақида, Нажот топиш йўллари ҳақида мамнуният билан сўзлаб бера бошлади. Мен қўшни қишлоқда бешта хушхабарчи масиҳий-баптистлар оилалари яшашини билиб олдим.
Ундан ўқиш учун менга бирон нарса беришини илтимос қилдим. У “Биродарлик хабарномаси” масиҳийлар журналини келтирди. Мен журналнинг биринчи саҳифасини очиб, ўқидим: “Битта Худо, битта эътиқод, битта имон келтириш”. Хўш, “Битта Худо, битта эътиқод — буни тушунса бўлади, аммо “битта имон келтириш” — дегани нимани англатади? Кейин мен ундан Муқаддас Китоб келтиришини илтимос қилдим. Қиз менга кичкинагина китобчани — Матто Хушхабарини келтирди. Чунки унда Муқаддас Китобнинг ҳаммаси йўқ экан. Мен Хушхабарни ўқий бошладим. Аммо кўп нарса менга тушунарсиз эди. Шунда мен Володянинг: “Бу китоб ҳаммага ҳам тушунарли эмас!” деган сўзларини эсладим. Энди мен ўзим Муқаддас Китобда чуқур донишмандлик мужассам эканлигига ва уни дарҳол тушуниб етиш қийин эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
Бир куни мен колхознинг қурувчилик биргадасида ишлаб юрганимда, тушлик танаффусида қурилаётган уйнинг томида бир ўзим қолиб Хушхабарни ўқиётган эдим. Мен Матто Хушхабарининг 24-бобига эътиборимни қаратдим. У ерда Масиҳнинг охир замон воқеалари ҳақида ўз ўқувчилари билан қилган суҳбати тасвирланган эди: қуёшнинг сўниши ва ой ўз нурини бермаслиги ҳақида, ер юзи ва ундаги бор нарсалар куйиб кул бўлиши ҳақида. Мен бунга жуда қизиқиб қолиб ўйлардим: “Масиҳнинг ўзи охир замон ҳақида нима дейди?”
Шундай қилиб мен Матто Хушхабарининг 24-бобидаги оятларни бирин-кетин ўқий бошладим ва: “Бу сўзларнинг бари Масиҳнинг ўзиники!” деб ўйладим. Шу пайт тушликдан менинг ҳамкасбларим қайтиб келиб, русча Хушхабарни ўқиётганимни кўришди. Кимдир устимдан кулди, кимдир ҳайрон қолди. Аммо мен эътибор қилмадим. Мен шу бобнинг 14-оятини ўқиганимда, тўсатдан ҳаммасини тушундим:
Бунгача мен “Қуръон ва Муҳаммад — биз мусулмонлар учун, Масиҳ ва Хушхабар — руслар учун, масиҳийлар учун”, — деб ўйлардим. Аммо мен: “Хушхабар барча халқларга тарғиб қилинади ва шунда охир замон келади”, деб ўқиганимда, мен қарашларимни ўзгартирдим. Мен Хушхабар гувоҳлигини худди ягона ва мутлақ ҳақиқат каби қабул қилдим: Хушхабар бутун халқларга, жумладан, черкасларга ҳам тарғиб қилиниши тугамагунча Худо охир замонни ушлаб уради!” Демак, биз черкаслар ҳам Хушхабарга ишонишимиз ва Масиҳни Худо Ўғли каби қабул қилишимиз керак! Мен қўлимдаги очиқ турган Хушхабар билан сакраб ўрнимдан туриб кетдим. Мендан сал нарироқда холамнинг ўғли турарди. Унинг олдига келиб ишонч билан дедим:
— Қара! Мана бу Хушхабар барча халқларга тарғиб қилиниши керак, шунда охир замон бўлади!
Аммо у менга қараб. аччиқланиб жавоб қилди:
— Ўзингнинг русча Хушхабаринг билан ёнимга келма!
Кейинроқ менга Матто Хушхабарини берган қизни учратдим ва унга: “Қулоқ сол! Хушхабар нафақат русларники, балки барча халқларники, шу жумладан бизники — черкасларники ҳам экан-ку! Шунинг учун Хушхабар барча халқларга, жумладан, мусулмонларга ҳам тарғиб қилиниши керак!” дедим.
Шундан бошлаб менда Хушхабарнинг ҳақиқийлигига, унинг Худодан эканлигига ишонч пайдо бўлди. Мен тақводорларнинг йиғилишларига боришга қарор қилдим. Биз жуда камбағал яшардик: менда яхшироқ кийим-кечагим ва оёқ кийимим йўқ эди. Аммо мен бор нарсамни кийдим. Биз кетдик: мен ва ўша қиз оиласи билан. Худога хизмат қилишга бағишланган мажлис руслар қишлоғида — бизнинг овулимиздан 16 км. нарида эди. Тўрт соатлар юриш керак эди. Йўлда суҳбатлашиб кетаётганимизда мен сўрадим:
— Масиҳнинг Матто Хушхабарида ёзилган 10:35–36-оятларни қандай тушуниш керак:
Аммо тақводорлар менга шундай жавоб беришди:
— Сен Худо йўлидан боришга ҳаракат қил, шунда сени қандай таъқиб қилишларини кўрасан. Энг аввало. улар ўзингнинг қариндошларинг бўлади!
Мен бунга ишонмасдим. Биз мажлисга етиб келдик: оддий аҳоли яшайдиган уй, катта хона, столга оқ дастурхон солинган. Стол устида катта Муқаддас Китоб, деворларда эса: “Биз хочга тортилган Масиҳни тарғиб қиламиз” — деган ёзув бор. Хонада 50 тача одам йиғилган эди. Бу менинг ҳаётимдаги биринчи тақводорлар йиғилиши эди. Ўша якшанбада нон синдириш куни эди: Художўй одамлар Исо Масиҳнинг одамлар гуноҳлари учун чеккан азобларини ва ўлимини эслашарди. Ҳамма: “Жаннатга биз Гўлўта орқали борамиз” қўшиғини куйлашарди. Мен эса эшитиб ўтириб ўйлардим: “Жаннат ҳақида мен онамдан кўп марта эшитганман: у бизга жаннат ва дўзах бор деб ўргатарди”.
Воиз Масиҳ ҳақида ва Унинг биз учун қилган қурбонлиги ҳақида сўзларди. Йиғилиш пайтида мен одамларга қарадим: мен бу одамларнинг ҳаммасининг юзида умумий бир ифода — илҳом ва қувонч борлигини бутун умрга эслаб қолдим. Йиғилишдан сўнг мажлисни бошқараётган одам сўради: “Ким нон синдиришда иштирок қилмади?” Мен ўрнимдан турдим. У менга: “Бу сизга тегишли эмас. Саволим жамоат аъзоларига қаратилган. Сиз эса бугун фақат тингловчисиз”. Бошқа воиз жилмайиб, қўшимча қилди: “У ўрнидан турдими, демак, у тез орада бизнинг биродаримиз бўлади!” Менда бу биринчи йиғилиш жуда катта таассурот қолдирди: мен ушбу тақводорларга ўхшашни орзу қилардим.
Менинг яқинларим рус тақводорларнинг йиғилишига борганимни билишарди. Аммо бошида улар ҳеч нима дейишмади. Афтидан, улар мени бу йиғилишга қизиқиб борган деб ўйлашди. Аммо мен йиғилишга кейинги якшанба куни яна борганимда, улар хавотирга тушишди. Бу ҳақда қўшниларимиз ва овулнинг қолган аҳолиси ҳам билди.
Бир куни кечқурун мен овулдан ташқарига чиқдим ва ўтлоқда ибодат қилиш учун тиз чўкдим: “Худойим! Менга ўз ҳақиқатингни аён қил!” Бундан олдин мен Матто Хушхабаридан:
Менинг черкас қишлоқдошларим Масиҳга эътиқод қилишни бошлаганимни билганларида, улар катта акамни менга қарши гиж-гижлай бошлашди. Улар акамга: “Сенинг уканг бизнинг мусулмон динимизга хиёнат қилди, Муҳаммадга хиёнат қилди, ота-боболаримиз динидан бош тортди. Бизнинг одатларимизга кўра уни тошбўрон қилиш керак!” дейишарди.
Биринчи марта акам уларга яхши жавоб берибди: “Сиз ўзингиз аввал Қуръон ва Муҳаммад ўргатганидай яшанг! Ҳақиқий мусулмон бўлинг. Динимизда кўрсатилган барча амрларни бажаринг. Кейин менинг укамни эътиқодга ўргатишга келинг!” Улар эса ҳеч нарса дея олмабдилар. Чунки уларнинг кўпчилиги фақат анъаналарга кўра мусулмон деб аталардилар, ўзлари эса даҳрийлар каби яшардилар. Акам ана шундай деб менинг ёнимни олибди. Афсуски, бу фақат бошида эди. Акам менга Масиҳга эътиқод қилишни ва Худога тақводорлар йиғилишларига боришимни таъқиқлаб қўйишини қишлоқдошларимиз сўраб талаб қилишда давом этдилар. Шунга акам менга қарши ғазаб отига минди.
Бир куни кечки пайт мен ишдан кейин печка ёнида ўтирардим. Акам эса орқага-олдинга, олдинга-орқага (у ёқдан—бу ёққа) бориб келарди. Тўсатдан у шундай деди: “Сен бизни бугун черкас халқи олдида шарманда қилдинг! Сен мусулмон ота-боболарингга, ота-онангга хиёнат қилдинг! Сен Худодан ва унинг пайғамбари Муҳаммаддан юз ўгирдинг!”
Мен индамадим. Кейин мен хонадан чиқиб, ертўлага тушдим. Устимдан эшикни ёпиб тиз чўкдим ва Худодан акамнинг юрагини юмшатишини ва унга Хушхабар ҳақиқатини очишини сўраб қизғин ибодат қила бошладим. Шу пайт акам ертўла эшигини очди ва менинг ибодат қилаётганимни кўрди. “Ҳа, сен шу ерда ҳам ўз Масиҳингга ибодат қиляпсанми?!” — қичқирди у ва мени дўппослай кетди. Унинг болалари — жиянларим югуриб келишди ва: “Каншаубини урманг!” деб ялина бошлашди. Улар мени жуда яхши кўрардилар, шунинг учун ачиндилар.
Акам мени уйдан ҳайдаб юборди ва ҳовлида узоқ бақирди: “Иккинчи уйга оёғингни босма!” Мен ҳовлидан чиқдим. Юрагимни тош босиб турарди. Аммо айни пайтда Худо номи учун ҳақоратларга чидаганим ва дўппосланганим учун қалбим қувончга тўла эди. Мен Матто Хушхабарининг 10:22да ёзилган Масиҳнинг сўзларини эсладим:
1949 йилда мен имонимга кўра сувда имонга кирдим ва жамоат аъзоси бўлдим. Мен қўшни қишлоқда яшай бошладим. Орадан бир йил ўтгач, амакимни учратдим. Акам мени уйдан ҳайдаб юборгани учун у жуда хафа эди. Биз у билан суҳбатлаша бошладик. Шунда амаким, Масиҳни яхши одам бўлган деб ҳисоблайман, деб айтди. Аммо амаким Масиҳнинг фақат пайғамбар эканлигини, Худонинг Ўғли эмаслигини таъкидлади. Амаким шундай деди: “Мана Муҳаммад ҳам Масиҳ ҳақида, Исо деган пайғамбар бўлганлиги ҳақида айтган! Аммо масиҳийлар Уни Худо Ўғли деб атаб ноҳақдирлар. Худода Ўғли бўлиши мумкин эмас! Худо одамларга Муҳаммадни, ўзининг сўнгги пайғамбарини юборган. Ва Муҳаммадга ўзининг охирги ваҳийлигини берган. Шунинг учун Муҳаммаднинг сўзи — энг асосий ва тўғридир!”
Мен Муқаддас Китобни олдим ва Ваҳий китобини очдим. Кейин Исо Масиҳнинг сўзларини ўқидим:
Эллигинчи йилларда мен овулимга қайтдим. Амаким ҳали ҳаёт эди. Мен унинг ўғли Яшаникида яшай бошладим. Ишга жойлашдим. Орадан бир неча кун ўтди. Бир куни кечқурун Яшанинг уйида барча қариндошларимиз йиғилишди. Бир пайтлар мени уйдан ҳайдаб юборган акам ҳам келди.
Қариндошларим менга шундай дейишди: “Биз сенинг туғилиб ўсган овулингга қайтганингдан хурсандмиз. Агар сен масиҳий бўлиб қолсанг ва шундай деб ўйлашда давом қилсанг, унда бизнинг орамизда сенга жой йўқ! Бугун шуни ҳал қил: агар биз билан яшашни хоҳласанг, Масиҳдан воз кеч ва бизга ўхшаб яша. Сен биздан ортиқ эмассан! Ҳозир юр мулланинг олдига. Сен адашганинг ҳақида мулланинг олдида тавба қиласан ва у сени Масиҳга берган қасамингдан озод қилади. Амакинг сенга Худога ибодат қилишни ўргатади — у Қуръонни ҳаммадан яхши билади. Агар Худога сиғинишни истамасанг — унда комсомолга, партияга кир, ўсиб-ун! Аммо олдин Масиҳдан воз кеч!”
Мен уларга шундай деб жавоб қилдим: “Мени амал-лавозим қизиқтирмайди, мени лавозим пиллапоялари қизиқтирмайди. Мен тақводорман! Мен Худо қонунларига асосан яшайман. Худо сизнинг ҳам, азизларим, эътиқодда ва тақводорликда яшашингизни хоҳлайди!” Улар менинг устимдан кула бошлашди: “Авлиё!” Акам эса ўрнидан сакраб турди, қўлига таёқ олди ва мени бир неча марта урди. Ва ўша кечасиёқ у мени амакиваччам Яшанинг уйидан ҳайдаб юборди.
Мен пўстинимни олиб, отхонага тунаш учун жўнадим. Мен у ерда ишлардим, отларга қарардим. Кейинги куни мен Яшаникига тушлик қилишга келдим. У уйда йўқ эди. Унинг хотини менга шундай деди: “Яша ишга кетди, менга сенинг қорнингни тўйғазишимни буюрди. Ўтир, овқатланиб ол!” Кейин у қўшиб қўйди: “Сен қандай бахтсизсан! Қандайдир рус Масиҳи учун азоб чекяпсан!”
Кейинги куни мен туғилиб ўсган овулимдан чиқиб кетдим...
Мен жуда қизиқиш билан Каншаубининг ҳикоясини эшитдим: унинг Масиҳга томон йўли жуда тиканли эди. Энди эса кишанлар ва ҳокимият таъқиблари, бу тайга лагери. Унинг кейинги ҳикоясидан мен Каншаубининг ўз овулидан чиқиб кетиб, тез орада ёш рус тақводор қизига уйланганини билдим.
“Хотинимнинг исми Тоня, Антонина Гавриловна. У Худога сидқидилдан ва самимий ишонади. Худо бизга олтита фарзанд берди. Турмуш қурганимиздан сўнг биз Тоня билан Черкасск шаҳридан унча узоқ бўлмаган Уст-Жегута қишлоғида яшай бошладик. Мен колхозда дурадгор бўлиб ишлай бошладим. Якшанба кунлари эса Хушхабарчи Масиҳий-баптистларнинг жамоатида ваъз ўқирдим.
1966 йилнинг 14 сентябрида мени Хушхабарни тарғиб қилишим учун қамашди. Биз — суд қилинаётган тақводорлар Кавказ ва Ростов вилоятининг турли шаҳарларидан бўлган саккизта киши эдик. Биз учун қўйилган айблов асосан диний йиғилишларни ўтказиш эди. Биз эркакларнинг орамизда судланувчилар қора курсисида яна уч боланинг онаси, собиқ мактаб ўқитувчиси бизнинг эътиқоддаги опамиз ҳам бор эди. Уни болалар билан эътиқодга оид машғулотларни ўтказгани учун суд қилишди. У ҳомиладор бўлиб, тўртинчи боласини кутарди. Аммо барибир уни уч йилга лагерга ҳукм қилишди. Лагерда у ўғил туғди. Бизнинг Уст-Жегут жамоатимиздан судланувчилар орасида бир ўзим эдим. Мени ҳам уч йилга умумий тартибдаги лагерга ҳукм қилишди.
Жазони ўташ учун мени бу ерга — шимолга юборишди. Олдин мен бошқа эътиқоддаги биродарларим билан Пятигорскда ва Ростовдаги жўнатиш пунктларида бўлдим. Камерада биз тақводорлар тўрт киши эдик. Мен қамоқхонадаги жўнатиш камералари одамларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик бериш учун энг яхши жой эканлигини билдим. Худо халқи ибодатлари бўйича Раббий биз билан эди, бизга У гувоҳлик беришимиз учун куч ва донишмандлик берарди. Ростовда бир жиноятчи бизга жуда қарши чиқди ва бизнинг гувоҳлигимизга қаршилик қилди. Аммо камерадаги бошқа маҳбуслар уни тўхтатишарди: “Бизга ҳалақит берма! Булар авлиё одамлар. Улар бизга ҳақиқатни гапиришяпти!”
Ростовдан кейин мени, афсуски, биродарларимдан ажратишди ва этап билан Уралга жўнатишди. Мен Пятигорскнинг, Ростовнинг, Уражаевканинг, Горькийнинг, Кировнинг, Пермнинг, Соликамскнинг жуда кўп жўнатиш қамоқхоналаридан ўтишимга тўғри келди. Қамалишимдан сал илгари мен бир қария билан — Мозалевич фамилияли бизнинг эътиқодимиздаги бир биродаримиз билан танишдим. У менга 1932 йилда эътиқоди учун сургун қилинганлигини айтиб берди. Ўшанда сургун қилинганларнинг катта гуруҳини баржада Шимолий дарё орқали олиб кетишибди ва Сибирь тайгасида баржадан туширишибди. Атрофда на уй, на бирон кимса йўқ... Уларни кеч кузда, шундайгина очиқ осмон тагига туширишибди. Кўпчиликнинг кийими эса ҳали ёзлик эди. Совуқ ёмғир ёғарди. Сургундагиларнинг қўлига арра ва болталар бериб: “Мана ўрмон — уни кесиб, ўзингизга яшаш учун уй қуринг”, — дейишибди.
Ўша сургун қилинганлар гуруҳи ичида иккита тақводор одам бор экан: Мозалевич ва яна бир биродар. Иккаловига битта эскигина пахтали камзул бор эди. Мозалевич ака шундай деб ҳикоя қиларди: “Биз гулхан ёқдик, совуқ, тун... Гулхан ёнида ўтирибмиз. Уйқумиз келяпти, чарчаганмиз. Биз иккаламиз келишиб олдик: биттамиз гулхан ўчмаслиги учун уни ёқиб турамиз, иккинчимиз ухлаймиз. Шундай қилиб бир-биримиз билан алмашиниб турдик. Камзулни ҳам навбат билан кийдик. Аммо эрталабга яқин иккаламиз ҳам ухлаб қолибмиз. 2 биродаримиз гулханга яқин ўтирганлиги учун унинг эгнидаги камзул куйибди. Ярми куйиб кетибди. Шундай қилиб иккаламизга яримта камзул қолди. Аммо Худо ёрдами билан тирик қолдик!”
Каншауби давом қилди: “Мен Уралда, Соликамскда сургунда бўлган пайтимда биз йигирма кишига мўлжалланган камерада 40та одам яшаганмиз. Жой етишмас, ҳаво бузилган эди. Мен пастки нараларда ўтириб ухлардим: агар кимдир уйқусида оёғини йиғиштирса, мен ўша ерга ўтирардим. Шундай ухлардим, аммо кимдир уйқусида оёғини чўзган пайтда мен полга йиқилиб тушардим. Ўрнимдан туриб камерада у ёқдан-бу ёққа юрардим ва кимнингдир оёғини йиғиштиришини кутардим. Ана шундай ҳолатда мен деярли ухламасдан 3–4 кунни ўтказдим. Жуда чарчадим ва шунда ўз ҳаётимдан норозилик пайдо бўлди. Аммо мен биродарим Мозалевичнинг ҳикоясини эсладим: ўрмон, тун, совуқ куз ёмғири, гулхан, икки кишига битта ярми ёниб кетган камзул. Мен-чи, мен иссиққина жойдаман, кийинганман, қорним тўқ. Шунда мен Худодан норозилигим учун кечирим сўрай бошладим ва самовий Отамга унинг менга қилган ғамхўрлиги ва васийлиги учун миннатдорчилик билдирдим”.
Мен Каншаубидан: “Сиз қуёшли Кавказ одамисиз, шимолнинг қаҳратон совуқларига ва тайга лагерининг оғир шароитига қандай чидаяпсиз? Масиҳга эргашгани учун бугун пушайман эмасмиз?” сўрадим.
— Йўқ, пушаймон эмасман, — жавоб қилди Каншауби, — бу ягона тўғри йўл — Муқаддас Китоб таълимотида қатъий туриш ва Масиҳга хиёнат қилмаслик.
— Ҳа, аммо сиз, бу совуқларга, бўронларга ва чуқур қорларга ўрганмагансиз-ку!
— Мен ўзимга кучни Исо Масиҳдан оламан, Унинг ёрдамида ҳаммасига кўникаман, — жилмайди у.
Шунда мен I асрда яшаган бошқа бир эътиқод учун қамалган тутқуннинг — ҳаворий Павлуснинг сўзларини эсладим: “Мен танқисликда ҳам, мўл-кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан. Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, ҳам фаровонликда яшаш, ҳам муҳтожликда қолишнинг сирларини ўрганганман.
Чепечанкадаги лагерга энди келган вақтлари Каншауби ўзини жуда ёлғиз ҳис қиларкан. Лагер бошлиғи уни қўполлик билан ва мазах қилиб кутиб олибди: “Мен сенга чиқарилган ҳукмни ўқидим, бир нарсага сира тушуна олмаяпман: сен — черкас, мусулмон қандай қилиб баптистга айландинг? Сенга Рус Худоси нега керак? Кўрдингми, у сени қаерга олиб келди: муз мамлакатга, Шимолга, Тайга лагерига! Эсингдан чиқарма: бу ерда ўрмонда хўжайин — айиқ, лагерда эса мен хўжайинман. Бу ерда мендан бошқа ҳеч қандай ҳоким йўқ. Сен ўзингнинг Масиҳ — Худоингдан воз кеч ва коммунизмга, Ленинга ишон. Дунёда фақат битта эътиқод бор — у коммунизм, битта Худо бор — бу — Ленин!”
Бошқа сафар бошлиқ Каншаубини баракда учратиб сўради: “Хўш, Худоингнинг ишлари қалай? Фикрингни ўзгартирмадингми, ҳали ҳам ишонасанми? Мен Сталин даврида сенга ўхшаганларни ўзим отиб ташлаганман!”
Учинчи боб
“Букри”
Лагер бошлиғининг лақаби “Букри” эди. Бу лақабни унга Чепечанка маҳбуслари беришганди ва у бу лақабга шундай ёпишиб қўя қолганди. Чунки у шу лақабга жуда мос эди. Ҳа, ҳаёт уни гоҳ юқорига, гоҳ пастга отиб роса эгган, оқибатда унинг қомати букчайиб қолганди.
Бошлиқнинг фамилияси — Станицкий эди. Бу 50 ёшлардаги баланд бўйли, озғин, оқ сочли, ҳар доим соқолларини қириб олиб юрадиган, ёноқлари кўкимтир одам эди. у маҳбуслар билан, шунингдек, қўл остидаги зобитлар ва аскарлар билан доимо қатъий расмий муносабатда бўларди. Биров билан суҳбатлашаётганда кулранг кўзларининг нигоҳи жуда оғир, деярли ҳаракатсиз қотиб туришарди. Станицкий кўпинча маст ҳолда юрар, аммо маст бўлмаган пайтларида камгап бўлар, шунда нафақат маҳбуслар, аммо зобитлар ҳам унинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилишарди.
Станицкий ичиб олса, кескин ўзгарарди: кўп ҳазиллашар, баланд овозда сўкинар, лагер бўйлаб деярли югуриб юрарди. Кўпинча у тез ва илдам қадамлар билан аскарлар назорати остида ўрмонда ишлаётган маҳбусларнинг ёнига борарди. У маҳбусларни озгина гуноҳлари учун қаттиқ жазолашни айтиб қўрқитар, аммо бу ҳеч қўрқинчли туюлмасди, аксинча, ҳатто у маҳбусларга қўлида таёқ билан ташланганда ҳам ҳазиллишаётган ўхшаб туюларди.
Мени лагерга олиб келганларида Станицкий капитан унвонида эди. у 10 йилдан бери шу ўрмонлар ва ботқоқлар ичидаги ёғоч тайёрлаш лагерида бошлиқ эди. Бу ерда 64°гача совуқ бўларди. Совуқ ҳаводан бир марта нафас олган одамнинг кўкраги ва ўпкасида қаттиқ оғриқ турарди. Ёзда эса машиналар галаси ва майда чивинлар булути жонга тегарди. Улар шунчалар кўп бўлардики, худди осмонни қоплаб олганга ўхшарди ва улардан на ўрмонда, на маҳбуслар яшайдиган баракларда, на озод аҳоли яшайдиган қишлоқларда тинчлик бор эди.
Ўтмишда Станицкий КГБ полковниги бўлган ва Ленинградда яшаган эди. Бу омадли, қадди расо КГБ полковниги ҳеч қачон ўзини шу тайга лагерида узоқ йиллар яшашини кўз олдига келтирмаганди. 1953 йили Сталин ўлганидан ва КГБ бошлиғи Бериянинг инқирозидан сўнг полковник Станицкий ҳам ҳеч кимга ёқмай қолди. Уни кичик лейтенант унвонига туширишди ва Ички Ишлар Вазирлигига ишга ўтказишди. Фақат КГБ генералларидан бирининг — ёшликдаги дўстининг муруввати билан Станицкий Шимолий Уралдаги Чепечанка лагерига бошлиқ қилиб тайинланди.
Ленинграддаги оқ тунларни, Невский ва ёзги боғ ҳашаматини, шунингдек, катта ойлик, КГБ полковнигининг мовий погонларини ва жуда кўп нарсаларни унутишга тўғри келди... Шунингдек Станицкий ишхона ихтиёридаги ажойиб уйдан ҳам маҳрум бўлди. Сочлари оқарган полковник кичик лейтенантга айланганида хотини ундан воз кечди ва ажрашди. Нима сабабдан у Ленинградни қаттиқ шимол совуғига ва пашшахона ботқоқларига алмаштириши керак?! Ҳаттоки болалари ҳам унвони пасайган Станицкийдан юз ўгиришди.
Сталин ўлиб, Берия ўз яқинлари билан йўқотилгандан сўнг КГБда “тозалаш” деб аталган жараён борарди: Бериянинг кўп ходимлари барча имтиёзлардан маҳрум қилиб ҳайдалди. Муқаддас Китобда ёзилган: “Одам нимаики экса, шуни ўради”, — деган сўзлари қандай адолатли (Гал.6:7). Қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг қонини тўккан одамлардан ўз ҳамтовоқлари қасос олишди.
Шимолга келгач, КГБнинг собиқ полковниги бир неча йилдан сўнг бир ёш аёлга уйланди. Станицкий ёш хотинини лагерни қўриқлайдиган аскарлардан жуда рашк қиларди. Хотини бир неча марта уни ташлаб кетишга ва умуман тайгадан кетишга ҳаракат қилди. Аммо Станицкий ҳар сафар унга етиб олиб лагер ёнидаги қишлоқчадаги уйига қайтариб келарди.
Бир неча йилдан сўнг Станицкий капитан бўлди. Тайга лагерида у ароққа ружу қўйди ва атрофдагилар уни тез-тез маст ҳолда кўрадиган бўлди. Қишлоқда лагернинг дўкони бўлиб, у ерга ойида бир марта озиқ-овқатлар, шу жумладан, ароқ ҳам олиб келишарди. Бир неча қути ароқ лагер бошлиғига бериларди ва у ҳар бир зобитга қанча ароқ беришининг рўйхатини тузарди. Албатта, у ароқнинг кўп қисмини ўзига олиб қоларди. Зобитлар очиқ норозилик билдиришга қўрқсалар-да, орқаворотдан минғиллишарди: уларга ойда бир қути ароқ нима бўларкан? Зобитлар бир-бирлари билан, шунингдек, маҳбуслар билан ҳам ўз норозиликлари ҳақида ўртоқлашишарди: “Яна букри бутун ароқни ўзига олди!”
Ичиб олган Станицкий маҳбусларнинг ўрмонда қандай ишлаётганликларини текширишни яхши кўрарди. Маҳбусларни иш пайтида қўриқлаётган аскарлар одатда уни узоқдан кўриб уларни огоҳлантирардилар: “Букри келяпти!” Маҳбуслар жон-жаҳдлари билан ишлай бошлардилар. Агар Станицкий кимнидир дам олаётганини ёки гулхан ёнида ўтирганини кўриб қолса, шу заҳоти қўлидаги таёғини ишга соларди. Аммо шу билан бирга Станицкийнинг ўзи кўпинча маҳбусларга сигарет, тамаки ва қуруқ чой олиб келар ва улар билан бирга “кефир” деб аталадиган қуюқ дамланган чой ичарди.
Лагерда тез-тез пичоқлашишлар, ҳатто қотилликлар билан тугайдиган карта ўйини авж олганди. Маҳбуслар одатда картани кечқурунлари ва тунлари, кўпинча тонг отгунча баракларда ўйнашарди. Баракка кираверишда карта ўйнаётган бир нечта кузатувчини қўйишарди. Агар зобитлар ёки аскарларнинг баракка келаётганини улар кўрсалар, ўйнаётганларни хавфдан огоҳ қилишарди. Ўйин дарҳол тўхтатилар, карталар беркитилар, ўйинчилар шоша-пиша ўз жойларига ётиб олишарди.
Карта ўйини лагерда жуда кўп томошабинларни жалб қиларди. Улар ўйинчиларни ўраб олишарди. Ўйин асосан лагерда сақлаш расман манъ қилинган пулга ўйналарди. Ютқизганлар пул, папирос, озиқ-овқат, ўз кийим-кечаги, пойафзали билан қарзларини тўлардилар. Агар катта пул ютқизиб қўйиб, уни тўлашга ҳеч нималари бўлмаса, унда ҳаётлари билан қарзларини узардилар. Бизнинг этапимиздан бўлган бир Москвалик маҳбус картада ўзининг қоплама тилла тишини ютқизиб қўйди. Шу заҳотиёқ унинг тишларидан тилла қопламани суғуриб олишди. Бунда катта темир михдан фойдаланишди.
Бир куни “Васька-қиморбоз” лақабли маҳбус бор-йўғини — ҳамма пулини ва ҳатто ўзининг қамоқхона кийим-бошию, пойафзалларигача ютқазиб қўйди. Ютқизганларини қайта ютиб олиш учун у лагер бошлиғининг ҳаётига ўйнашни таклиф қилди — агар Васька ютса, барча нарсалари ва пулини қайтариб олади, аммо агар у яна ютқизса, у бошлиқни ўлдириши керак бўлади. Ўйин бошланди. Аммо бу ўйин ҳам Васька учун муваффақиятсиз бўлди. Васька наралар устида биргина трусида ўтирарди — у ҳамма нарсасини, ҳаттоки майка ва пайпоқларини ҳам ютқазиб қўйганди! Мана энди бошлиқнинг ҳаётини ҳам... У жуда ғазабда эди. “Омадим чопмади!” — дерди Васька ғазаб билан дунёдаги ҳамма нарсани сўкиб.
Унинг шериги, картадаги рақиби ва кўп йиллик душмани уч кун муддат белгилади. — Васька уч кун ичида қотиллик орқали қарзини узмаса, у лагердаги бачабозлар қўлига тушарди. Васька лагер бошлиғини ўлдиришга қарор қилди. У Станицкийнинг кабинетига борди. Бошлиқнинг кабинети лагернинг ичида эди. Кимдир вақтинча ўз кийими ва оёқ кийимини Васькага бериб турди. Бу кийимларнинг Васькага тўғри келмаслиги кўриниб турарди. У калта шим ва енглари калта бегона курткада жуда кулгили кўринарди. Васьканинг бўйлари узун, озғин, ёши йигирмалар атрофида эди.
“Бошлиқ! Мен сенинг ҳаётингни қиморда ютқазиб қўйдим ва сени ўлдиришим керак!”— деди у Станицкийнинг столига яқинлашиб ва қўлларини шимининг чўнтагидан чиқармай. Букри қўрқмади, фақат бошини кўтариб маҳбуснинг кўзларига қатъият билан қаради. Васька ҳам бошлиқнинг кўзларига боқиб индамай турарди. Шу тарзда улар бир дақиқача бир сўз демай туришди.
“Ўйнаб бўлибсан-ку, аҳмоқ қиморбоз! — ниҳоят ғазаб билан деди Станицкий. — Ҳозироқ орқангга қайтиб баракка бор, бугуноқ менинг ҳаётимни ютиб ол. Энди қўлингни чўнтагингдан чиқар, “пар”ни ташлаб юбор!” — у қўли билан ахлат челагини кўрсатди. Васька ҳеч нима демай орқасига қаради ва пичоқни ахлат челагига ташлади. Кейин бошлиқнинг хонасидан чиқиб, югуриб барак томон кетди. Тун бўйи қизғин ўйин давом қилди. Кейинги кун аллақачон ўз кийимларини кийиб олган Васька хурсанд ҳолда ютиб олган пулларини тинтув пайтида аскарлар топиб олмасликлари учун ўртоқларига берди.
Лагер бошлиғи Васькани кабинетига чақирди. У ерда Станицкийдан ташқари яна иккита зобит бор эди.
— Қани, бечора қиморбоз, ўз қаҳрамонликларинг ҳақида айтиб бер-чи! — қатъият билан сўради Букри.
— Ўртоқ бошлиқ! Ҳаммаси жойида: мен сизнинг ҳаётингизни ютиб олдим! — тетик ва хурсанд ҳолда деди мағрур Васька. У, бошлиқ мени мақтайди, деб кутганди. Аммо Станицкий унинг гапини бўлди:
— Аҳмоқ! Бошлиқнинг ҳаётига ўйнайсанми? Ўйнай олмасанг, қўлингга картани олма! Бошланишига 15 кун жарима изоляторига, бир ўзини бир камерага! — қутурарди Станицкий. — 15 суткадан кейин эса уни зонага киритмасдан бошқа лагерга жўнатинг! — буюрди зобитларга у.
Хурсанд Васькани — жуда хавфли карта ўйинининг ғолибини — бутун лагер кўз ўнгида лагер ҳудуди бўйлаб қўлига кишан солиб жарима изоляторига олиб бораётганларида қаҳрамондан аянчли маҳбусга айланди. “Қўлингга карта олма! Агар ўйнай олмасанг қўлингга карта олма!” калака қилишарди уни аскарлар.
Бизнинг лагеримиз ва унинг бошлиғи ана шунақа эди! Мана шу лагерга Худо учта Хушхабар тарғиботчисини: Каншауби Жонгетовни, Фёдор Маховицкийни ва мени юборди.
Тўртинчи боб
Лагерда уч киши
Чепечанка лагери Пермь вилоятининг шимолида Соликомск шаҳридан 400 км масофада жойлашган эди. Қишлоқ — бу ўлкаларда фойдалана олинса бўладиган ягона транспорт тури бўлган магистрал темир йўли тугайдиган жойда эди. Ундан сўнг то шимолгача, жумладан, бизнинг лагеримизгача ҳам йўл йўқ. Лагер нисбатан кичкина, бор-йўғи 700–800тача маҳбус бор. Лагер тартиби умумий: бу ерга биринчи марта судланган маҳбусларни юборишади. Аммо баъзиларнинг қамоқ муддати 10 йилгача бўлади.
Учаламиздан биринчи бўлиб лагерга Каншауби Джангетов — 1967 йилнинг январь ойида Шимолий Уралдаги энг қаҳратон совуқлар даврида олиб келинганди. Биринчи тинтув вақтидаёқ Каншаубининг барча озодликдаги кийимларини — иссиқ қишки кўйлаги, жун свитери ва ҳаттоки шарфини ҳам олиб қўйишганди. Шунинг учун Каншауби енгил қамоқ кийимида жуда совқотган. Лагер маъмурияти уни ўрмондаги ишчи гуруҳга дарахт кесиш ва тор изли темир йўл учун жой тайёрлашга тайинлаганди. Лагердан иш жойигача 5 кмга яқин масофа эди. Гуруҳда эса асосан ёшлар бўлиб 30–40та маҳбус бор эди. Юриш қийин, иш оғир, бунинг устига, лагер овқатининг мазаси йўқ. Соқчилар — учта аскар қўлларида автомат ва махсус машқ қилдирилган ва аскарларнинг буйруғига кўра маҳбусларга ташланадиган овчарка ити билан.
Маҳбуслар оч: уларни сасиган балиқдан пиширилган овқат билан боқишади. Кўпинча лагерга келтириладиган балиқ шунчалар сасиган бўладики, уни ҳатто лагердагилар учун ҳам овқатга ишлатиб бўлмайди. Шунда бу балиқни ошхона ёнига чириган карам, чириган картошка ва сабзи билан бирга ташлаб юборишади.
Қолаверса, аллақачон қуртлаб кетган ва жуда чириган маҳсулотларгина ташланади.
Лагерда бир нечта от ҳам бор. Уларда озиқ-овқат, ўтин ва дарёдан сув олиб келишади. Бу жуда озғин, лагер маҳбуслари тили билан айтганда, силласи қуриган отлардир. Ишдан бўш вақтларда отлар лагер ўртасида — ошхона яқинидаги ташландиқ, музлаб ётган озиқ-овқатлар ёнида юришади. Оч қолган отлар туёқлари билан музлаган озиқ-овқат парчаларини уришади, кейин тишлари билан чириган балиқ ва бошқа озиқ-овқатларни юлиб олишади. Узиб олган бўлакларни суяк-қилтиқлари билан ва муз парчалари билан очкўзларча ейишади.
Кўпинча отларнинг ёнида ташландиқ озиқ-овқатлар тўдаси устида батамом тубанлашган маҳбусларни ҳам учратиш мумкин. Лагерда бундайлар анчагина. Доимо оч, соқоллари олинмаган, ифлос, бит босган ва жулдур кийимларда улар таёқ билан муз ичидан чириган балиқларни ёки чириган карам бўлакларини ковлаб олиб, очкўзлик билан ейишади. Баъзида улар отларни тепиб ҳайдаб оч отларнинг оёқлари остидан чириган балиқ парчаларини олиб ейишади. Бундай ҳодисани лагердан ташқарида камдан-кам кўрасан. Лагердаги маҳбуслар учун қилинадиган овқат учун ажратиладиган жуда кам миқдордаги гўшт ҳам бузилган ва сасиган бўлади. аммо уни чириган балиқ каби ташлаб юоришмайди, балки марганцовка эритмасида ивитиб қўйиб кейин пиширишади.
Каншауби биринчи кунлари жуда қийналди: оч, совқотган, ёлғиз. Каншаубининг миллати черкас, лагерда эса асосан руслар. Маҳбусларнинг баъзилари унга ёқтирмай қарашган: рус эмас, бунинг устига тақводор! Зобитлар эса унинг устидан ва унинг эътиқоди устидан очиқчасига кулардилар: “Мусулмон ва баптист! Жангетов, сен нега Масиҳга ишонасан?! Масиҳ — афсона! Мана биз — руслармиз, аммо на Худога, на Масиҳга ишонамиз. Сен, черкас қандай қилиб Худога, яна Муҳаммадга эмас, балки Исо Масиҳга ишонасан?!”
Ҳар куни шунга ўхшаш мазах қилишлар ва таҳқирлар давом этарди. Каншауби овқатдан олдин ибодат қилаётганда, маҳбуслардан кимдир унинг шўрва солинган темир косасини олиб қўйишга ҳаракат қиларди. У баракнинг пана жойида ибодат қилиш учун тиз чўкканда унга ифлос пойафзални отишарди... У уйига ҳар ҳафтада хат ёзиб турса-да, яқинлари уни эслашмасди ҳам. У ўзини жуда ёлғиз ҳис қиларди.
Ҳафталар, ойлар ана шу тарзда ўтиб борарди. Каншаубининг руҳи умуман тушиб кетди. Унда на Муқаддас Китоб, на Хушхабар бор эди. Дардларини ўртоқлашиш учун ҳеч ким йўқ эди: бутун лагерда унинг биронта ҳам яқин одами йўқ эди. Каншаубининг ёшлик пайтларида, у эндигина Масиҳга эътиқод қўйган пайтларида ҳамда қариндош-уруғлари ва қишлоқдошларининг таҳқирларига учраган пайтлардагина унга шундай оғир бўлганди. Аммо Каншауби Худо уни яхши кўришини, ёлғизликда ва ғам-қайғуда қолдирмаслигини, албатта ёрдам беришини биларди. Худо сўзида шундай деб ёзилган: “
Мартда лагерга янги этап билан маҳбуслар келишди. Ҳар сафар, янги этап келганда, лагер маҳбуслари учун катта воқеа бўлади. “Этап қаердан? Юртдошлар бормикан?” — одатда маҳбуслар келган этапдагиларни кузатиб шу билан қизиқишарди. Ўшанда бошлиқнинг ўзи янги келганларни кутиб олар ва баъзиларидан у баланд товушда сўрарди: “Нега ҳукм қилингансан? Ўғримисан? Қотилмисан? Растратчимисан? Қайси модданг? Қанча олиб келдинг?” деб лагер тилида сўрарди Станицкий янги келганлардан. Бу: Неча йилган қамалгансан?” деган маънони билдирарди.
Каншауби ҳам янги этапнинг қабул қилинишини узоқдан кузатиб турарди. Унинг қалбида доимо бир умид яшарди: балки Худо лагерга биттагина бўлсада эътиқоди бир бўлган биродарни жўнатар? Тўсатдан Каншауби лагер бошлиғининг овозини эшитди: “Маховицкий! Муддатинг қанча? Нима учун қамалгансан?”
Очиқ юзли, баланд бўйли маҳбус жавоб берди:
— Исо Масиҳга эътиқодим учун, икки йилга қамалганман!
— Нима, сен баптистмисан? — сўради бошлиқ.
— Ҳа, мен тақводорман, баптистман.
— Қаердансан?
— Ленинграддан.
— Ҳа-а, Ленинграднинг бош попи! — хо-хо-лаб кулди бошлиқ. — Майли, зонага бор! У ерда сени бир эътиқоддаги мусулмонлардан бўлган биродаринг кутяпти, — ҳайратомуз овоз билан деди у.
Кейин лагер бошлиғи овозини пасайтириб деди: “Нега улар — у Москвадаги бошлиқларни назарда тутарди — бизнинг лагеримизга иккинчи баптистни ҳам юборишибди? Нима, бу ерда баптистлар ҳудудини пайдо қилишмоқчими-ё?”
Фёдор Владимирович Маховицкий келиши билан Каншаубининг анча руҳи кўтарилди, қалби қувончга тўлди — бир эътиқоддаги биродари ёнида! Каншауби гапириб гапини тугата олмасди, улар ишдан кейинги кечқурунлари бошларидан ўтказганлари, оилалари, Жамоат ҳақида бир-бирлари билан суҳбатлашишарди.
Джангетов ва Маховицкий бир баракда, 70 киши яшайдиган бир бўлимда жойлашишди. Улар энди очиқчасига баракда, ётадиган жойлари олдида эрталаб ва кечқурунлари ибодат қилишарди. Кўп маҳбуслар уларнинг олдиларига келиб Худо ҳақида, эътиқод ҳақида саволлар беришарди. Энди улар ибодат қилаётганларида, ҳеч ким улар томонга пойафзалини отмасди. Маҳбуслар бу тақводорларни кўпроқ ҳурмат қила бошлашди: “Қара, — дерди улар бир-бирларига, — бир баптист Кавказдан ва рус эмас, иккинчиси — Ленинграддан. Улар илгари бир-бирларини билмасдилар ҳам, энди эса худди туғишган ака-укалардай яшашади: “Ҳамма нарсалари — худди бир оиладагидай ўртада!”
Баракдаги маҳбусларнинг ҳаёти одатдагидай давом қиларди: улар баланд овозда суҳбатлашишар, баҳслар, қимор ўйини, ҳеч ким ибодат қилаётган тақводорларга эътибор қилмаётгандай туюларди... Аммо шу пайтда хонага зобит кириб келса, маҳбуслар дарҳол огоҳлантиришарди: “Бошлиқ, секин, шовқин солма, баптистлар ибодат қилишяпти!” Ўзлари ҳам худди ибодатга қулоқ солаётгандай жим бўлиб қолишарди. Хонага мутлақо сукунат чўкарди: фақат ибодатнинг сўзларигина эшитилиб турарди — бу 70 дан ортиқ маҳбуслар яшайдиган баракда! Одатда бундай пайтда зобит ўзини йўқотиб қўяр, нима қилишини билмай елкасини қисар, ибодатга ҳалақит бермасликка ҳаракат қилиб тезда баракдан чиқиб кетарди.
Баракдаги ҳаёт эса зобит чиқиб кетгандан сўнг яна олдинги тарзига қайтарди: шовқин, баҳс, бақириқ-чақириқ. Ибодат тугагандан сўнг маҳбуслар Жангетов ва Маҳовицкийга: “Ҳозир яна бир зобит бу ерга келди, аммо биз уни тез чиқариб юбордик, бўлмаса у яна сизларга тирғаларди”, — дердилар. Яна улар ўзлари бир-бирларига шундай дейишарди: “Афтидан, баптистлар ибодатсиз яшай олмасалар керак! Улар ҳамма жойда: этапда ҳам, ошхонада ҳам, эрталаб жойларидан турганларида ҳам, кечқурун ухлашга ётишларидан олдин ҳам ибодат қиладилар. Уларнинг эътиқодлари шунақа! Нега ҳокимият уларни таъқиб қилади, қамоқхонага қамайди?! Баптистларнинг эътиқоди энг тўғри эътиқод! Агар ҳамма баптистларга ўхшаган бўлганларида эди, аллақачон дунёда на қамоқхоналар, на лагерлар қоларди...”
1967 йилнинг апрелида Чепечанка лагерига мени ҳам олиб келишди. Мен лагернинг ишчи ҳудудидаги кичикроқ ёғоч бинода жойлашган дизель электростанциясига электрик қилиб тайинландим. Электростанция ва ишчи ҳудуд маҳбуслар яшайдиган ҳудуддан унча узоқ эмасди. У ҳам аскарлар ва қўриқчи итлар билан қўриқланарди.
Мен лагерга кетишимдан бир оз илгари Каншауби кундузги жарима изоляторига ишга тайинланганди. Бу лагер ҳудудида жойлашган ва аскарлар учун хизмат хонаси, бир нечта камералари бўлган лагер эди. Лагерда янги жиноят қилган ёки лагер тартибини бузганлар одатда 10–15 кунга жарима изоляторига қамаб қўйилар, у ерда уларга кунига фақат бир марта овқат берилиб, нон ҳам 400 гр гача камайтириларди. Одатда жарима изолятори жуда совуқ бўларди. Маҳбусларнинг иссиқ кийимларини эса изоляторга қамашдан олдин аскарлар тортиб олишар, фақат кечқурунлар учун эски, кир-чир, бунинг устига, битлаган пахтали камзул беришарди. Маҳбуслар жарима изоляторида ҳеч қандай ўрин-кўрпасиз яланғоч тахталар устида ухлашарди.
Каншауби кунига бир марта аскарлар назорати остида жарима изоляторидаги маҳбусларга овқат тарқатар, камераларни қиздириш учун печкаларга ўтин ёқар, камераларни тозалаб турарди. Бошида у жарима изоляторида ишлашга жуда қийналди. Кўпчилик маҳбуслар ўзларининг жарима изоляторидаги дўстларига Каншауби тамаки, сигарет, гугурт, гиёҳванд моддалар ва ҳаттоки пичоқларни олиб бориб беришини хоҳлашар, буни ҳатто талаб ҳам қилишарди. Аммо кўпчиликнинг таҳдид ва қўрқитишларига қарамай, Каншауби бундан бош тортди. У қатъий тарзда: “Мен масиҳийман, ҳеч қачон тамаки, сигарет, гиёҳванд моддалар ва бошқа мумкин бўлмаган нарсаларни олиб бориб бермайман! Мен сизнинг дўстларингизга ёрдам беришга тайёрман, уларга жон деб нон, маргарин, шакар ва бошқа емиш маҳсулотларини олиб бориб бераман. Чунки у ердагилар совуқ ва очликдан азоб чекаётганларини биламан”.
У шундай қиларди ҳам: унга мураббо ёки маргарин суртилган нон бўлагини берганларида, Каншауби буларни газетага ўрар ва курткасининг катта чўнтагига соларди. Кейин пайт пойлаб, ёнида аскарлар бўлмаган пайтда нонни жарима изоляторидаги маҳбусларга берарди. Тез орада лагердаги барча одамлар Каншауби ҳеч қачон на гиёҳванд моддаларга, на сигаретга қўл теккизмаслигини, аммо жарима изоляторидаги маҳбусларга яширин тарзда нон ва бошқа озиқ-овқатлар олиб бориб беришга доимо тайёр эканлигини билиб олишди. Уларнинг эътиқодлари шунақа, жуда қаттиққўл!” — тушунтиришарди бир-бирларига маҳбуслар. Каншаубини лагерда янада кўпроқ ҳурмат қила бошлашди. Кўпчилик у билан дўстона муносабатда бўлиб, ҳазиллашиб уни “ота” деб аташарди.
Аммо бир воқеа Каншаубини жуда хафа қилди. Навбатчи зобит унга битларга қарши жуда кучли восита солинган бутилкача ва чўткача берди. Тунда жарима изоляторидаги маҳбусларга кўрпа ва матрацлар ўрнига битлаб кетган камзуллар беришарди. Зобит Каншаубига эҳтиёткорлик билан камзулларнинг битлар ва сиркаси кўп чокларига чўтка билан шу доридан суртишни буюрди. Аммо дори жуда заҳарли эканлиги ва жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантирди: “Жангетов! Қара, қўлингга заҳар тегмасин, бу жуда хавфли, қўлинг куяди, яралар пайдо бўлади!”
Каншауби бўш камералардан бирида бу хавфли ишга киришди. У аскарларни огоҳлантирди: “Бу шишага тегманглар, унда заҳар бор!” Аммо камерадаги маҳбуслар бу ҳақда билиб қолишди ва шишадаги нарсага қизиқиб қолишди. Лагерда гиёҳванд моддалар ва ароқ топиш жуда қийин эди. Маҳбусларнинг баъзилари маст бўлиш ва ўзлари айтгандай “кайф” ҳолатига тушиш учун ҳар қандай нарсани ичишга тайёр эдилар. Бу учун улар машиналар антифризини, ҳаттоки тиш ювиш пастасини сувда эритиб, шу эритмадан жуда кўп миқдорда ичишдан ҳам тоймасдилар.
Битларга қарши восита ҳақида эшитиб маҳбуслар шишачани ўғирлашга қарор қилишди. Чунки буни Каншаубидан сўраш бефойда эканлигини билишарди. Улар заҳарли суюқликни сувда эритиб, ундан гиёҳванд модда сифатида фойдаланишга қарор қилишди. Уларни назорат остида ҳожатга олиб чиққанларида шишани ўғирлашга муваффақ бўлишди.
Каншауби шишанинг йўқолганлигини дарҳол сезмади. Орадан бир неча соат ўтгандан сўнг у бу ҳақда билди. У бу ҳақда дарҳол аскарлардан сўради. Улар эса ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Улар изолятор камераларидан бирига киришганда, ғалати ҳодисанинг гувоҳи бўлишди: камерадаги бешта маҳбус хурсанд бўлиб қўшиқ айтар, кулар ва рақсга тушиб сакрарди. Улардан бири полда ўтирар ва шифтга маънисиз тикилиб, бахтиёр куларди. Бошқаси қўллари билан ҳавода ниманидир ушлашга ҳаракат қиларди. Ва уларнинг ҳеч қайсиси камерага келган аскарларга эътибор бермади. Кейин уларнинг ҳаммаси қайтариб қуса бошлади, улар қичқирар ва ингрардилар... Каншауби уларнинг ҳаётидан хавотир ола бошлади. Навбатчи зобитни чақириб келишди. У ҳар бир гаёҳванднинг оғзига ярим челакдан сув қуйишни буюрди ва уларнинг ошқозонларини ювишди. Зобит шундай сўнг: “Яшашади! Уларга бало ҳам урмайди. Уларнинг ошқозонлари қалай билан қопланган!” — деди.
Кейинги куни бу камерада ҳаёт тинчлик билан ўтди. Маҳбуслар хотиржам ва тинч эдилар, ҳеч ким ўлмади, ҳеч ким соғлиғидан арз қилмасди. Улар Каншаубини кўриб, жилмайишди. “шишангни олганимиз учун бизларни кечир, ота! Шундай зўр кайф олдик, худди нашанинг кайфига ўхшайди! Сенда ундан бошқа йўқми?” — юмшоқлик билан сўрашди улар.
Мен лагерга келганимдан сўнг тахминан бир ойлардан сўнг бошлиқ лагерга келган вақтимда мендан олиб қўйган қоғозларини қайтариб берди. Аммо Муқаддас Китобимни қайтиб бермади... Лекин қоғозларимда Муқаддас Китобдан кўчирилган парчалар жуда кўп эди, айниқса Забур китобидан. Мен бу билан Лефортово қамоқхонасида шуғулланган эдим. Унда Муқаддас Китобни мендан олиб қўйишмаганди. Энди бу ёзувлар бизда эди. Улар биз учун жуда азиз эди. Кечқурунлари ишдан бўш вақтларимизда биз саноларни ўқирдик, Каншауби эса ҳаммасини ўз дафтарига ёзиб оларди. Айниқса, биз 83-санони ўқишни яхши кўрардик. Мен уни ҳам Лефортова турмасида ёзиб олган эдим:
Мен Муқаддас Китобдан бу Забурни ёзиб олаётганимда мени Лефортово қамоқхонасидаги сукунат ҳайратга солди: 2–3 кишига мўлжалланган тор камера, ҳамма томонида — тош ва темир, сукут сақлаган қўриқчилар. Баланд деразаларда икки қаватли панжаралар. Ва тамомила сукунат... Деразаларда ойна ўрнига оқ пластик. Деразанинг устки қисмида шифтнинг шундоққина тагида форточка. У очиқ пайтдагина секин сузиб юрган булутлар ва осмоннинг бир бўлаги кўриниб турарди. Маҳбус мана шу кичкина бўлакчага қайғу билан қарайди.
Аммо тақводор одам учун осмон — бу нафақат булутлар ёки узоқда милтиллаб турган юлдузлар эмас.
Энди бу тайга лагерида мен учун эътиқоддаги биродарларим билан руҳий мулоқот, Масиҳга уларнинг хизмат қилиши ва менинг хизматим қанчалар азиз эди! Лефортово қамоқхонасида полковник Петренко менга: “Қамоқхона деворлари ва тайга лагерлари — мана сенинг ҳаётингнинг бор-йўғи уфқлари”, деган эди! Аммо у жуда хато қилганди! У даҳрий бўлгани учун, Худо бизнинг ҳаётимизни қанчалар бойитишини, Унинг улуғворлиги ва донишмандлигини кўра билмаганди. Унинг одамларга севгиси ва меҳр-шафқатини тушуниш қийин. Бизнинг эътиқод уфқларимиз — бу Худога ва одамларга хизмат қилиш, бу Исо Масиҳнинг: боринглар, барча халқларни Хушхабар ҳақиқатига ўргатинглар, деган амрларини бажаришдир. Бу ерда, ер юзида биз шунга интиламиз, шунга бутун ҳаётимизни бағишлаймиз. Олдинда эса бизни Худо билан мулоқотдаги мангу ҳаёт кутмоқда. Шунинг учун биз бу совуқ лагерда руҳимизни тушунмасдик, балки Худога ёрқин ишонч билан шод боқардик.
Ҳар биримиз Муқаддас Китобдан жуда кўп оятларни ёддан билардик, биз уларни дафтарга ёзишга қарор қилдик. Каншауби менинг Москвадаги Лефортово қамоқхонасида қилган ёзувларимни ҳам олди. У ҳар куни кечқурун ўз дафтарини Муқаддас Китобнинг янгидан-янги оятлари билан тўлдирарди.
Биз кўпинча бирга ибодат қилардик, суҳбатлашардик, уйимиздан ва эътиқоддаги дўстларимиздан келган янгиликлар билан ўртоқлашардик. Хат жуда кўп келарди. Уларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, лагер текширувидан ўтарди. Аммо бизга бироз кечикиб бўлса-да, ҳамма хатларни беришарди. Биз ўзимиз эса бир ойда лагерда тўртта хат ёзиш ва уларни жўнатиш ҳуқуқига эга эдик. Биз ўз яқинларимизга ва дўстлармизга юпатувчи ва уларнинг руҳларини кўтарувчи хатлар ёзардик. Ўша қиш мен катта қизим Наташанинг хатига жавобан шундай шеър ёздим:
Бу орада шимолга баҳор келди. Қуёшнинг меҳрли ва сахий нурлари тайгани ҳаётга уйғотарди. Катта тоғ бўлиб ётган Урал қор уюмлари қорайиб, чўка бошлади ва тез эриб кетди. Қор залворидан озод бўлган дарахтлар енгил нафас олиб шохларини тўғрилади. Шўх-шодон жилғачалар, кичик-кичик тайга дарёчалари муз ёпинчиғларини ташлаб шовқин-сурон ила тез оқаётган қор-муз сув оқимларига айланишди. Тайга ва лагер устидан баланд осмонда турналар, ғозлар ва ўрдакларнинг чексиз карвонлари ўта бошлашди. Тайга жанубдан қайтиб келган қушларнинг турли-туман қўшиқлари билан тўлди.
Лагерда ҳам ҳаво илиқроқ бўлди. Маҳбуслар ўзларининг оғир қишки камзулларини, оғир пиймаларини ташлашди, қишки телпаклар ўрнига кўк ёки қора фуражкалар кийишди. Якшанба кунлари биз учаламиз бараклардан узоқроққа кетардик. Яхшиям лагер ҳудудининг бир томонида кесилган дарахтларнинг баланд тўнкалари сақланиб қолган эди. Шу ерда биз ўзимиз мажлисларимизни ўтказардик: ибодат қилардик, мадҳиялар куйлардик, бир-биримизда юракларимизда ёзилган Худо сўзларини айтиб берардик.
Каншауби хотинидан ва эътиқоддаги дўстларидан кўп хат оларди. Уйда унинг олтита боласи қолганди. Унинг рафиқаси Тоня кунига 3–4 соатдан ортиқ ишлай олмасди, чунки болаларининг ҳаммаси ҳали мактаб ёшида эди. Аммо жамоат қамоқдагиларнинг оилаларига ғамхўрлик қилар, тақводорлар доимо унинг оиласига ҳам озиқ-овқатлар ва кийим-кечакдан ёрдам бериб турарди. Бундан ташқари, оила учун Зойка лақабли сигир ҳам катта ёрдам эди. Каншауби ўзи озодликда юрган пайтда ўзи унга қарарди. Унинг болалари Зойканинг сутини ичиб катта бўлишганди. Энди эса сигирга қараш Тонянинг зиммасига тушди: у ўз хатларида Зойка ҳақида кўп ёзар, маслаҳат сўрар, агар сигир касал бўлиб қолса ёки овқатланмай қўйса нима қилиш кераклигини, янги туғилган бузоқчага қандай қарашни сўрарди. Каншауби ўз хатларида у ёки бу вазиятда нима қилиш кераклиги ҳақида батафсил маслаҳатлар берарди.
Каншаубининг фарзандлари, айниқса кичкиналари уни жуда хурсанд қилишарди: улар ибодатга боришар, хатларидан худога эътиқод ва қувонч уфуриб турарди. Аммо унинг қалби катта ўғилларидан хавотирга эди: улар Худога бефарқ эдилар. Бу Каншауби ва Тоня учун жуда катта қайғуга сабаб бўларди. Каншауби ўз ўғиллари учун кўп ибодат қиларди.
Бир куни мен Каншаубининг кўзларида ёш кўрдим. У оиласидан хат олганди ва уни шошилиб ўқирди. Кейин у менга шундай деди: “Оила билан айрилиқ қандай оғир! Фақат Худо менга бу айрилиққа чидаш учун куч беради...” Мен баъзида Фёдор Владимировичнинг юзида ҳам қайғу изларини кўрардим. Менинг ўзимга ҳам осон эмасди: болаларимни, хотинимни ва онамни эсласам — юрагим зирқираб оғрирди.
Каншауби Кавказлик бир тақводор чолдан жуда қизиқ хатлар оларди. Чол ўз хатларида нафақат Каншаубига, балки лагер бошлиғига ҳам мурожаат қиларди. Хатлар тахминан қуйидаги мазмунда эдилар:
Қария Степан ўз хатларида Каншаубига таскин берарди: “Бошлиғингнинг олдида иродасизлик қилма, биродарим Каншауби, жим турма, уни тавба қилишга чақир!” Лагер бошлиғи Станицкий бу ҳақда цензура орқали биларди ва Каншаубини ҳудудда учратиб шундай дерди: “Нима сабабдан сенинг қариянг менинг қалбим ҳақида ташвишланади?! Ўзиники ҳақида ўйласин, у яқинда юзга киради, ўладиган вақти келди. Баптистлар ташвиқотини тарқатди! Ёки у бизнинг Чепечанка лагеримизга келмоқчими? Жой бор. У бошқа бундай хатлар ёзмасин, унга шундай деб ёз!”
Мен Чепечанкага келганимда Фёдор Владимирович менга ўз қувончи ҳақида айтди:
— Биласанми, мен бугун хотиним Клава билан учрашдим!
Мен:
— Рухсат беришдими?! Бошлиқ тўсқинлик қилмадими? — деб сўрадим.
У:
— Йўқ, муаммосиз шахсий учрашувга рухсат беришди, — деб жавоб берди.
Ҳар бир лагерда маҳбуслар ўз оилалари билан учрашадиган махсус бино бор. Бу бинода одатда 2–3та алоҳида хоналари, ҳожатхона ва ошхонаси бор. Деразаларида — панжаралари, эшик қулфланган, назорат остида бўлади. Чепечанкада иккита учрашув хонаси бор эди. Одатда, ўша йилларда умумий тартибли лагерларда оиласи билан шахсий учрашув маҳбусларга бир йилда икки марта бир ёки икки кунга, жуда кам ҳолларда уч кунга бериларди.
Шимолдаги тайга лагерига маҳбусларнинг хотинлари, бола-чақасига ва оналарига етиб келиш осон эмасди. Жуда оғир йўл, йўлда ҳар хил хавф-хатарлар. Москвадан, Ленинграддан ёки Украинадан камдан-кам маҳбусларнинг хотинлари узоқ тайга лагерига эри билан учрашувни хоҳлаб йўлга чиқишга журъат қиларди. Аммо тақводор бандиларнинг хотинлари имкони бўлди дегунча ҳатто энг узоқ лагерларда ҳам ўз эрлари билан кўришиш учун келишга ҳаракат қилишарди.
Маховицкийнинг хотини, Клавдия Александровна эри Чепечанка лагерига келгандан сўнг икки ҳафтадан кейиноқ келди. У Ленинграддан келди ва улар уч кун бирга бўлишди. Клавдия Александровна эрига озиқ-овқатлар ва иссиқ кийим-бош олиб келганди. Аммо энг асосийси — у Маховицкийга эътиқоддаги биродарлари ҳақида айтиб берди, жуда кўп саломларни етказди ва кучайган зулмларга, қамашларга ва судланишларга қарамасдан нафақат Ленинградда, аммо бутун мамлакатда Жамоат тетик эканлигини айтди. Жуда кўп ёшлар Масиҳга келишяпти, кўп болалар йиғилишларда иштирок этишяпти. Буларнинг барчаси Фёдор Владимировичнинг руҳини кўтарди. У эса ўз навбатида Ленинграддаги Хушхабарчи масиҳий баптистлар жамоатининг пресвитери сифатида хотини орқали масиҳий биродарлари учун жуда кўп фойдали маслаҳатлар берди.
Мен лагерга келганимдан сўнг тез орада хотиним Надя ҳам Киевдан икки кунга мен билан учрашувга келди. Бу жуда қувончли воқеа эди, чунки у жуда кўп янгиликлар олиб келди. Надянинг озиқ-овқатлардан ташқари, кичикроқ бутилкада узумдан қилинган шароб олиб келганлиги бизни айниқса хурсанд қилди: Фисиҳ байрами яқин эди, биз Фисиҳ арафасидаги пайшанбада Раббий оқшоми ўтказишни жуда хоҳлардик.
Бизни бир нарса хафа қилди: бизда на Муқаддас Китоб, на Хушхабар йўқ эди. Лагер маъмурияти бизнинг хотинларимизни — Клавани ҳам, Надяни ҳам учрашувдан олдин синчиклаб тинтув қилганди: Муқаддас Китобни ахтаришганди. Надя учрашувга Хушхабарни олиб келганди. Аммо уни учрашувдан олдин зобитлар олиб қўйишганди.
Бизнинг Надя билан учрашувимиз икки кун давом қилди. Мен эътиқоддаги дўстларим ҳақида, Жамоат ҳақида, болаларим Наташа, Петя, Лиза ва ҳали икки ёшга энди кирган кичик қизим Женя ҳақида сўрадим. Мен қамалишимдан олдин 1966 йилнинг майида у энди юра бошлаган эди. энди мен уни қачон кўраман — буни фақат Худо билади! Бизнинг Надя билан хайрлашувимиз қайғули бўлган бўлса-да, олдимизда умидсизлик зулмати ва чорасизлик эмас, балки Худо севгиси ва Унинг бошқарувининг ёрқин уфқлари бизни кутарди.
Учрашувдан мен зонага нон синдириш маросими учун шароб солинган кичик бутилкани олиб келдим. Тинтув пайтида аскар унга эътибор бермади. Биз уни баракда одатда кундалик нон паёгини, кружкани ва қошиқни сақлайдиган тумбочкада асрардик. Посилка орқали олинган ёки изимиздан келганлар олиб келган озиқ-овқатларни баракда сақлаш мумкин эмас эди — ўғирлаб қўйишарди. Лагерда шахсий озиқ-овқатлар сақланадиган махсус хона (каптерка) бор эди. Унда маҳбуслардан бири — Москвалик Костя исмли собиқ таксичи ишларди. У озиқ-овқатлар хонасида туну кун бўлар, ўша ерда ухларди ҳам. Виждонли ва ростгўй Костя бизга тақводорларга дўстона муносабатда эди.
“Мен баптистлар билан яхши танишман, — дерди у. — Менинг қўшниларим тақводорлар, баптистлар. Яхши одамлар. Уларга тўла ишониш мумкин! Ҳеч қачон қўшниларим билан ҳеч қандай уруш ва жанжаллар бўлмаган. Тўғри, газеталарда сиз — баптистларни, жуда уришишади. Аммо мен бунга ишонмайман, бунинг ҳаммаси Ташвиқот! Бизнинг ҳукуматимиз сизларга ҳасад қилади. Чунки сизнинг масиҳийлик ахлоқингиз уларнинг атеистик ахлоқидан юқори. Бу учун мен сизни ҳурмат қиламан! Станицкий ҳам сизни ҳурмат қилади, у фақат тартиб учун лавозими бўйича сизларга бақиради”.
Мен Костядан сўрадим:
— Сен Станицкий бизни ҳурмат қилишини қаердан биласан?
— У сизнинг эътиқодингизни мақтаётганлигини ўзим эшитдим. Станицкий ҳозир тақводорлардан қамоқхона ва лагерларда асосан баптистлар бор, деб айтди, — қизғин ва ишонч билан дерди Костя.
Бизнинг хушхабар-баптист биродарларимизнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар аҳоли онгини ўзгартира бошлагани ҳақида ундан эшитдим. Костя менга айтиб берди: “Мен москвалик таксичиман. Таксичилар эса шаҳардаги ҳамма янгиликларни билишади; ўзлари ҳам кўп нарсаларни кўришади, буни йўловчилар ҳикоя қилиб беришади. Бундан бир неча йил олдин москвада мен Сибирлик бир арбобни олиб юрдим. У ўшанда эндигина Барнаулдан келган экан. У ерда — Барнаул қамоқхонасида сизнинг баптист биродарингизни ўлдиришган экан. Барнаулда бутун Сибирдан келган баптистлар йиғилишди — 1000 тача. Ўша сибирлик арбоб шундай деган эди. Шаҳарга аскарларни олиб киришди, тартибсизликлардан қўрқишганди! Сен бу ҳақда эшитганмисан?”
“Ҳа, албатта, мен бу ҳақда эшитганман”, — жавоб қилдим мен Костяга ва унга Олтой ўлкасидаги Кулунда шаҳридан бўлган эътиқоддаги биродаримиз Николай Хмара ҳақида айтиб бердим. Николай Хмара Худога эътиқоди учун қамалган, Славгород қамоқхонасида азобланганди. Кейин эса уни чалажон ҳолатда Барнаул қамоқхонасига олиб келишади ва Хмара ўша ерда жон беради. Бу 1963 йилнинг декабрида юз берганди. Николай Хмаранинг мурдасини ҳокимиятдагилар дафн қилиш учун қариндошларига беришади. Дафн маросимига ҳақиқатдан ҳам жуда кўп художўйлар йиғилишганди. Аммо тартибсизликлар юз бермади, тақводорлар бу ишни текшириш учун Ҳукумат комиссияси тузишни талаб қилган бўлсалар—да, улар ўзларини яхши тутишади.
— Мен яна сенга ўтган йилнинг май ойида ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бераман, — давом қилди сўзида Костя. — Мен Москвада баптистлар партия Марказий Кенгашини қўлга киритмоқчи бўлганларини ўз кўзим билан кўрдим. Улар бутун мамлакатдан Москвага минглаб йиғилишганди. Ўша куни мен шаҳар марказидаги Эски Майдондан ўтиб кетаётганимда, Марказий Кенгаш биноси олдида минглаб одамларни кўрдим — улар баптистлар эдилар! Аммо ҳукумат армияни ишга солди ва ҳамма баптистларни қамоққа олишди.
Костянинг ҳикоясида муболаға кўп эди, мен унга тушунтиришга ҳаракат қилдим:
— Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, бизнинг тақводорларимиз 1966 йилнинг майида Москвада йиғилишган эди. Улар мамлакатнинг 120 та шаҳридан келишган, ўзлари билан мамлакатимизда эътиқод учун оммавий таъқиблар ҳақидаги юзлаб аризалар ва шафқатсиз таъқиблар ҳақидаги ҳужжатларни, суратларни олиб келишганди. Тақводорлар партия Марказий Комитетини қўлга киритмоқчи бўлмадилар, кейин улар бор-йўғи 500 киши бўлганлар. Улар давлат бошлиғи билан учрашишни илтимос қилишган эди, аммо уларнинг ҳаммасини қамоққа олишди ва кўпчилигини суд қилишди.
Шундай қилиб, биз Костя билан бир неча марта суҳбатлашдик. Аммо гап Худога бориб тақалганда ва унинг эътиқодга шахсий муносабати ҳақида борганда, Костя жим бўлиб қолар, суҳбатга бўлган ҳар қандай қизиқиш дарҳол йўқоларди.
Озиқ-овқатларини каптёркада сақлайдиган маҳбуслар одатда нонуштадан, тушликдан ёки кечки овқатдан олдин у ерга кириб ўз заҳираларидан керак нарсани олишарди. Биз ҳам Костя билан озиқ-овқатларимизни асрардик, аммо Раббий оқшоми учун шароб солинган бутилкани Костяга ишонмай баракдаги тумбочкада қолдирдик, чунки у жуда ичишни яхши кўрарди.
Солдатлар ва зобитлар тумбочкаларни текшириб баракларда тез-тез тинтув ўтказиб турардилар. Бизнинг шароб солинган бутилкамиз ҳам шундай топилди. Аскар уни ахлат челагига ташламоқчи бўлди, аммо тинтувни бошқараётган зобит уни қўлига олди, ҳидлаб кўриб, шундай деди: “Бу жамоат виноси, баптистлар уни причастие учун асрашяпти. Уни ташлаб юбориш мумкин эмас, Худо жазолайди!” У шаробни жойига қўйди. Буларнинг барчаси биз йўқлигимизда юз берибди, биз ўша пайтда ишда эдик, бизга кечқурун маҳбуслардан бири бу ҳақда айтиб берди.
Фисиҳ кунлари яқинлашарди. Раббий биз учун хочда чеккан азоб-уқубатлари ва азобли ўлимига атаб Унинг оқшом зиёфати кечасини ўтказишга жой топишимиз керак эди. Аммо қаерда? Баракда мумкин эмас — жуда шовқинли, кейин лагер бошлиқлари ҳам ҳалақит беради. Бир куни Каншауби шундай деди: “Мен санитар билан гаплашдим, у бизга пайшанба куни кечқурун касалхона палатасида йиғилишга рухсат берди. Ҳозир у ерда касаллардан ҳеч ким йўқ”.
Биз шундай қилдик. Лагердаги бараклардан бирида врач хонаси жойлашган бўлиб, врачнинг ўзи 2–3 ойда бир марта лагерга келарди, холос. Врач хонасининг ёнида эса унча катта бўлмаган хона бор эди. У касал маҳбуслар учун мўлжалланган бўлиб, хонада 5–6та темир кроват турарди. Охирги пайтларда бу хонада ҳеч ким йўқ эди. Албатта, лагерда касаллар бор эди, аммо врач бир неча ойдан бери лагерга келмасди. Бу палатада ётган беморлар ё тузалиб кетиб, улар баракларга ўтказилди, ёки ўлишди. Янги касалларни эса врач йўлланмасисиз бу ерга қўйишмасди.
Палата ва врач кабинетини санитар — маҳбуслардан бири — тиббиётга умуман алоқаси бўлмаган, мутахассислиги ҳайдовчи бўлган одам бошқарарди. У бизга Раббий оқшоми бўш турган касалхона палатасида ўтказишга рухсат берди. Кечқурун биз шу ерда йиғилдик. Ўзимиз билан бир бўлак қамоқхонанинг қора нонидан олиб келдик, стол устига шароб солинган кичкина бутилка ва стаканни қўйдик. Кейин тиз чўкиб ибодат қилдик ва Тангридан бу кичик йиғилишни қўллаб-қувватлашини, бизни ёвуз одамлардан асрашини сўрадик.
Биродарларим Фёдор ва Каншауби мендан, Раббий оқшоми ибодатини сен амалга оширгин, деб илтимос қилишди. Бизга айниқса, бу ерда — тайга лагерида Худо дастурхони атрофида руҳий мулоқот жуда азиз эди. Мен деярли бир йилдан бери нон синдириш маросимида бўлмаган эдим. Фёдор ва Каншауби ҳам худди шундай эдилар. Биз учун Худонинг бу аҳди чуқур маънога эга эди, чунки Исо Масиҳнинг ўзи қамалиши, азобланиши ва хочда азоб-уқубатли ўлим топишидан олдин шуни амалга оширган эди. Бугунги кунда Масиҳ жамоати, худди Унинг ўзи каби қувғинда. Худо бизга— ХХ аср масиҳийларига ҳам Унинг Муқаддас Сўзига бўлган садоқатимиз ришталарини синаб кўришни раво кўрди.
Бизнинг мамлакатимизда атеизм нафақат мафкура ёки дунёқараш вазифасини ўтайди, балки у давлат ҳукмронлигига ва зўравонликнинг қудратли қуролига эгадир. Бу қурол — ҳукмлар, махфий полиция, қамоқхоналар ва лагерлардир. Атеистик давлат ҳукумати бизнинг Худога бўлган эътиқодимизни тортиб олишга ва маънавий қадриятларимиздан маҳрум қилишга ҳаракат қилади. Учаламизни давлат атеизми Худога бўлган ишончимиз учун озодликдан маҳрум қилди. Аммо бу ерда — тайга лагерида — биз Раббимиз Исо Масиҳнинг хочда чеккан азоб-уқубатларини эслаш учун нон ва шароб атрофида йиғилдик. Унинг биз учун чеккан оғир машаққатларини, Унинг устидан кулганларини, Унинг бошига калтак билан урганларини ва ҳатто унга тупурганларини хотирлаш учун йиғилдик. Буларнинг барига У биз учун, бизнинг гуноҳларимиз учун чидади!
Тўсатдан кимдир эшикни тақиллатди, уни секин очди. Санитарнинг боши кўринди:
— Бу ерга Букри аскарлари билан келяпти!
— Нима қиламиз? — қарадим мен биродарларимга.
— Давом қиламиз! — жавоб беришди иккаласи ҳам.
Санитарга қарадим:
— Агар биз ибодатамизни давом қилдирсак, сен қарши бўлмайсанми?
— Йўқ, албатта, давом қилаверинглар! Мен фақат сизни огоҳлантирмоқчи бўлдим, холос, — шундай деб санитар эшикни ёпди ва кетди.
Мен Муқаддас Китоб сўзларини ёддан айтаман: “
Мен қўлимга бир бўлак лагер нонини олдим ва яна бир марта Раббимиз Исо Масиҳнинг сўзларини такрорладим:
Масиҳнинг азоб-уқубатлари ҳақидаги хотиралар ҳеч қачон ўлмайди. Асрлар, минг йиллар ўтади, аммо тақводорлар Унинг азоб-уқубатларини ва Гўлгўта хочидаги ўлимини хотирлашда давом қиладилар. Душманлар нафақат Исо Масиҳни жисмонан ўлдиришни истадилар, балки У ҳақдаги ҳар қандай хотирани йўқ қилмоқчи, Масиҳнинг исмини инсоният онгидан батамом ўчириб ташламоқчи бўлдилар. Уни хочда азоб-уқубатли ва шармандали ўлим билан ўлдирдилар, бу билан агар улар келажакда кимдир Масиҳ хочга тортилгани ҳақида эсласа, фақат даҳшат ва нафрат билан эслашини истадилар.
Аммо Масиҳни унутиш мумкин эмас. Исо Масиҳ — дунё тарихининг марказидир. Бунинг устига, У — бутун оламнинг Манбаидир. “
Исо Масиҳнинг издошлари ҳамма замонларда, ҳар қандай вазиятларда Унинг азоб-уқубатларини эслашда давом қиладилар. Мен нон устида ибодат қилдим, уни уч қисмга бўлиб, биродарларимнинг ҳар бирига бердим. Шу пайт яна эшик тақиллади ва санитарнинг жилмайган юзи кўринди. “Ўтиб кетишди! Ҳаммаси жойида!”
Мен шаробни стаканга қуйдим. Стаканнинг 1/3 қисми бўлди. Қўлимга шароб солинган стаканни олиб, мен давом қилдим: “Худо айтди: “
Шундай сўнг, тиз чўкиб Худога Унинг Гўлгўта хочидаги севгиси қаҳрамонлиги учун қизғин миннатдорчилик билдирдик. Биз Унга қутулишимиз учун, абадий ҳаёт учун ва кишанлар учун миннатдорчилик билдирдик. Ўша пайтда биз учун на лагер, на бўш касалхона палатаси мавжуд эди. Бизнинг қалбимизда фақат Худо бизни севишини ва У бизни абадий ҳаёт учун қутқарганини англашдан қувонч ҳисси бор эди! Ибодатимиз сўнгида биз ҳатто секингина мадҳия куйладик:
Бешинчи боб
Сўнгги кунларда бирга
Бизга бу шимолий лагерда худди Худо сўзида айтилганидай яхши эди:
— Каншауби, нега Тоня сен билан учрашишга келмайди? — сўради бир куни Фёдор.
— Бизнинг лагеримиз Кавказдан жуда узоқ, — деди овозида қайғу билан Каншауби. — Кейин уйда ёш болалар билан ким қолади?
— Тоняга сенинг олдингга келишга ёрдам беришлари учун жамоатдаги биродарларга хат ёз, — маслаҳат бердик биз унга.
Каншауби жамоатга ва хотинига бу ҳақда хат ёзди. Тез орада у Тонядан хат олди. У ўз хатида тезда келишини ёзган эди. Каншаубининг қувончи чексиз эди: у хурсанд, кулиб юрарди. Лагер бошлиғи учрашув учун уч кунга ижозат берди ва расман учрашув вақтини белгилади. Бир неча ҳафтадан кейин Тоня келди.
Бир куни кечқурун ишдан келиб мен хурсанд, кулиб суҳбатлашаётган Каншауби ва Фёдорни кўрдим.
— Тоня келди! — мени кўриб деярли қичқирди Каншауби.
— Табриклайман, азиз биродарим! — қувонч билан қучдим мен уни. — Қачон учрашасан?
— Ҳозир навбатчи зобитнинг олдига бориб биламан, — деди Каншауби ва қувонч билан навбатчи зобитнинг ёнига кетди.
Тез орада Каншауби учрашувга кетди. Уч кун у биз билан бўлмади. Биз у Худодан шундай ажойиб совғани олганидан деярли бир йиллик айрилиқдан сўнг хотини билан бирга бўлиш бахтига эришганидан хурсанд эдик. Биз Каншаубининг учрашувдан келишини ва бизга Кавказдаги тақводорлар ҳаёти ҳақида айтиб беришини, оиласи ҳақидаги янгиликлар билан ўртоқлашишини сабрсизлик билан кутардик. Биз яна эҳтимол, бу сафар Тоня орқали Хушхабарни олиш умиди билан биродаримизни кутардик. Биз сўнгги пайтларда шу ҳақда зўр бериб ибодат қилардик.
Каншауби учрашувнинг иккинчи куни биз Фёдор Владимирович билан учрашувлар хонасига келдик. Кечки пайт эди. хона деразаларидан бири бизнинг зонамизга қараганди. Дераза ойнасининг 2/3 қисми оқ бўёқ билан бўялган, ташқи томондан темир панжара билан тўсиб қўйилганди. Аммо дераза ойнасининг тепа қисми тоза ва тиниқ бўлиб, одамларни кўрса бўларди. Тоня ва Каншауби бизни кўришди ва кулиб, қўлларини силкита бошлашди. Биз ҳам уларга қараб жилмайдик, қўлимиз билан мангу уйимиз бўлган, на қамоқ, на турма, на қайғу, на айрилиқ бўлмайдиган осмонни кўрсатдик.
Уч кунлик учрашув тугади ва мана Каншауби яна биз билан. Қувончли, айни пайтда Тоня билан айрилиқдан хафа, у бизга сирли боқарди.
— Яхши янгиликлар борми? — сўрадим мен.
— Хушхабар! — секин гапирди биродарим Каншауби.
— Худога шукр! — бир овоздан хитоб қилдик биз. — Худо бизнинг ибодатларимизни эшитибди! Биз Унинг сўзини қандай соғиндик!
Тоня Хушхабарни учрашув хонасига олиб келгани, Каншаубининг эса уни зонага олиб ўта олгани Худонинг мўъжизаси эди. Энди биз Худо Сўзини ўқий олардик! Нафақат биз, балки бошқа маҳбуслар ҳам — лагерда Хушхабар билан қизиқаётган ўнтача одам бор эди.
Шунингдек, Тоня Каншаубига озиқ-овқатлар ҳам олиб келганди. Бизнинг зонамизда қариндошларидан озиқ-овқатлар ёки посилка олмайдиган оч одамлар кўп эди. Шунинг учун хотинларимиз Клава, Надя ва энди Тоня ҳам олиб келган озиқ-овқатларни биз бошқа маҳбусларга ҳам берардик.
Айниқса, мен тошкентлик баланд бўйли, озғин бир йигитни эслаб қолдим: қорачадан келган чўзинчоқ юзли, маъноли қора кўзлари. У қандайдир майда ўғирлик учун судланган эди. Болалигида у кўчада ўсганди. Бу йигитча она ҳақидаги ғамгин қўшиқларни яхши куйларди. Маҳбуслар унга “Жага” деб лақаб қўйишганди. У доимо оч эди. Уятчан, тортинчоқ, кўзларида ғам билан у паст овозда сўради: “Сизда бир бўлаккина ортиқча нон топилмайдими?” Биз қўлимиздан келгунча Жагага ёрдам беришга ҳаракат қилардик: нафақат озиқ-овқат ёки кийим-кечак билан, балки унинг руҳини кўтаришга, Масиҳни кўрсатишга уринардик.
Яна москвалик бир йигит ҳам доимо оч ва бечораҳол ҳолда эди. Баланд бўйли, жуда озғин, фақат суяклари ва териси қолган бу йигитнинг исми Сергей эди. унинг муддати жуда кам бўлиб, Москва шўросида маст ҳолда қилган жанжали учун бир йил берилганди. Доимо индамас, у лагернинг маҳбуслар яшайдиган ҳудудида майда-чуйда қўшимча ишларни бажарарди: ниманидир суварди, бўярди, лагер бошлиқларининг хоналарини, ошхонани ва баракларни таъмирларди. Унинг кийими доимо оҳак ва бўёқ теккан бўларди. Сергей қандайдир қўрқиб қолган ва ичимдагини топ одам эди. Маҳбуслар уни ёқтиришмасди ва доимо: “Сен Москвада ким бўлгансан?! Қаерда ишлагансан? Сен оддий одамга ўхшамайсан!” — деб сўрашарди.
Баъзида уни уриш учун муштларини кўтаришарди. Шунда Сергей индамай ўзини четга оларди. Биз унинг тўйиб овқат емасликдан ва ёлғизликдан жуда азоб чекаётганлигини кўрардик ва унга эътибор беришга, яхши сўз билан руҳини кўтаришга ҳаракат қилардик. Биз нимамиз бўлса — нонми, мураббоми, маргаринми у билан бўлишардик. Биз унга Раббий ҳақида гапирганимизда, у диққат билан эшитар, аммо камдан-кам савол берарди. Шунинг учун биз унинг эътиқод масалаларини, Худога ҳақиқий муносабатини билмасдик: эҳтимол, у бизни одоблиги учун эътибор бериб тинглар?
Сергей бир куни менга: “Георгий, мен озодликка чиқишимдан олдин лагердаги охирги кунимда сен билан муҳим нарса ҳақида гаплашиб олмоқчиман!” — деганда унинг муддати охирлаб қолганди. У озод бўлган куни бизнинг баракка кирди, Фёдор ва Каншауби билан хайрлашди, берган ёрдамларимиз учун миннатдорчилик билдирди. “Бу лагерда фақат сизлар чин маънода одамсизлар!” — деди бизга Сергей хайрлашаётганда.
Кейин у мендан уни вахтагача кузатиб қўйишимни илтимос қилди. “Георгий! Мен сенга юрагимни очмоқчиман. Лагерда махсус бўлим зобитидан ташқари ҳеч ким менинг кимлигимни билмайди... Мен тасодифан бу жиноятчилар лагерига тушганман. Мени бу ерда сақламасликлари керак эди. Москвада мен майор унвонидаги милиция зобити эдим. Бир куни мен метрода бир ёш йигит билан қаттиқ уришиб қолдим. Мен озроқ маст эдим. Биз нима ҳақдадир баҳслашдик, у мени итарди, мен уни урдим. Кейин билсам, у Ички Ишлар Вазирининг қариндоши экан. Шундай қилиб, мен бу ерга келиб қолдим, бу — вазирнинг қасоси. Одатда бизни — жиноятлари учун судланган милиция ёки КГБ ходимларини жиноятчилар бўлмайдиган махсус лагерларда сақлашади. Агар маҳбуслар менинг аслида ким эканлигимни билганларида, мени бир кечада бўғиб ўлдирган бўлардилар!” — деди алам билан Сергей.
Кейин у сўзида давом қилди: “Мен сизлардан — тақводорлардан, менга кўрсатган яхшиликларингиз учун миннатдорман! Фақат нон ва маргарин учун эмас — менга нисбатан одамгарчилигингиз учун ҳам раҳмат! Худо севгиси ҳақидаги сўзларингиз учун ҳам раҳмат!” Сергей тўлқинланиб кетди ва кўзларида ёш билан қичқирди: “Мен милиция майори сифатида Москва остидаги, Дедовскдаги сизнинг баптистларингиз йиғилишларини ҳайдашда иштирок қилганман. Мен сизнинг эътиқоддаги биродарларингизни қамаганман, уларнинг устидан кулганман! Мен — сизнинг таҳқирловчингизман, мана бу ерда, лагерда менга сизлардан — баптистлардан — бошқа ҳеч ким ёрдам бермади!”
“Сергей, Москвага қайтиб борганингда — сен ўзинг қувғин қилган тақводорларни ахтариб топ, уларнинг йиғилишларида иштирок қил! — илтимос қилдим мен ундан.— Сенга Масиҳ керак! Сен қутулишга муҳтожсан, Масиҳ сени севади!” Кейин биз бир-биримизнинг қўлимизни маҳкам сиқдик. “Мен сен учун, Сергей, бутун ҳаётим давомида ибодат қиламан”, — дедим мен хайрлашаётиб. Баракка қайтиб келиб, мен биродарларимга Сергей билан қилган суҳбатим ҳақтида айтиб бердим. Биз ҳар куни у ҳақда Самовий Отамиз олдидаги ибодатларимизда эслаб турдик.
Мени Москвадан бу шимолий лагерга этап билан олиб келганларида Пермдаги жўнатиш пунктида мен 18 ёшлардаги Валерий исмли ёш маҳбус билан танишган эдим. Унинг тиши жуда оғрирди: эҳтимол, йиринг бўлса керак, чунки бир томон юзи жуда шишиб кетганди... Оғриқ азобидан у на овқатлана, на ухлай оларди, жуда қаттиқ азоб чекарди. Мен нима биландир унга ёрдам беришга ҳаракат қилардим ва ҳеч бўлмаганда у ширин қайноқ сув ичиб, сал бўлса-да кучга кириши учун унга шакаримни бердим. Кейин тишининг шиши қайтгандан сўнг Валерий мен билан яқин бўлиб қолди ва бизга у кўп нарсалар ҳақида айтиб берди, мен ўз ҳаётим ҳақида ҳикоя қилиб бердим. Валерий майда ўғри эди, у ниманидир ўғирлаб икки йилга қамалганди.
У менинг ҳаётга қарашларим ва эътиқодим билан жуда қизиқарди. “Георгий, сен чиндан ҳам Худога ишонасанми?! Бу жуда ғалати! Мен ҳеч қачон бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмаганман. Менга болалигимданоқ Худо йўқ деб уқтиришарди. Олдинига оилада — ота-онам, кейин мактабда ўқитувчиларим. Менинг отам Совет Армияси зобити бўлган. У 1956 йилда Вегрияда ҳалок бўлди. Онам тез орада яна турмушга чиқди ва иккинчи турмушидан қиз туғди, мен эса керак бўлмай қолдим. Ўгай отам нимагадир мени ёмон кўрарди. Мен мактабда ёмон ўқирдим, киссавур эдим. Мана энди мен бу ерда — қамоқхонадаман”, — ана шундай қисқа қилиб Валерий ўз ҳаётини тасвирлаб берди.
Валерий иккаламизни бошқа маҳбуслар қатори Чепечанка лагерига олиб келганларида мен уни Фёдор ва Каншауби билан таништирдим. У негадир бирпасда биз учун яқин, ўзимизнинг одамга айланди. Кейинроқ бизда Хушхабар пайдо бўлганда эса, Валерий уни ўқий бошлаганлар ичида биринчилардан бири бўлди. Тез орада у биз билан бирга очиқчасига ибодат қила бошлади.
Каншауби лагерга келгандан ярим йил ўтгач, кейин эса Фёдор билан биздан сўнг лагерда Худога яқинлаша бошлаганлар 10 тадан ошди. Аммо очиқчасига биз билан ибодат қилишга фақат Валерий журъат қилди. Лагер маъмурияти хавотирга тушиб қолганди, лагер бошлиғи Станицкий эса бир куни зобитлар орасида шундай деди: “Агар ҳал қилувчи чоралар кўрилмаса, ярим йилдан сўнг лагернинг ярми баптистларга айланади!” Албатта, у жуда муболаға қиларди, аммо атеистларнинг хавотирлари учун асос бор эди.
Июль ойининг бошларида лагерга Москвадан Ички Ишлар Вазирлигидан комиссия келди. Бундан бир неча кун илгари лагер маъмурияти томонидан маҳбуслар учун ҳаммом ташкил қилинди, ҳаммага тоза ички кийимлар берилди, ўсиб кетган соқоллар қирилди, ўрин-жойлар: чойшаблар, ёстиқ ва кўрпа жилдлари алмаштирилди. Лагер ҳудуди ҳам тозаланди, тартибга солинди, ҳаттоки тоза дарё қуми олиб келиниб, зонадаги йўлкаларга сепилди. Шошилинч равишда бир нечта клумбалар ва гуллар экилди. Ошхонада шу пайтгача маҳбусларнинг товоқлари устида минглаб айланиб юрган чивин ва пашшалар йўқ қилинди. Яна зона ўртасидаги отлар қиш давомида еб улгурмаган, қишдан қолган озиқ-овқат қолдиқлари устига ҳам қум сепилди. Ҳозир отлар чириган балиқ қолдиқларига қиё ҳам боқмасдилар, чунки атрофда кўм-кўк ўтлар жуда кўп эди.
Баракларнинг деворларига Лениннинг суратлари ҳамда янги бўёқ билан янгиланган ишоралар ёпиштирилган катта фанера лавҳалар қоқилди. Бу шиорларнинг мазмуни қуйидагича эди: “Ленин таълимоти тўғри, шунинг учун ҳам мангудир!”, “Ленин ҳозир ҳам барча тириклардан тирикдир!”, “Партия ва халқ ягонадир!”, “Озодликка пок виждон билан!” “Ватанга кўпроқ ёғоч етказиб берамиз!”
1967 йил эди. Совет ҳокимиятининг 50 йиллик юбилейи яқин эди (1917–1967 йил). Барча лагерлардаги маҳбуслар катта умумий авфни кутишарди. Москва комиссияси бизнинг лагеримизда фақат икки кун бўлди. Комиссия аъзолари лагерни кўришди, маҳбуслар яшайдиган баракларга киришди, ошхонага боришди. Улар яна 20 тача маҳбуслар билан суҳбатлашишди. Уларнинг орасида Маховицкий ҳам бор эди. Суҳбат лагер бошлиғининг хонасида бўлиб ўтди. У ерда Москвадан келган комиссия аъзоларидан ташқари лагер бошлиғи Станицкий ва 2–3та лагер зобитлари бор эди. Комиссия раиси, МВД полковниги Маховицкийдан сўради:
— Сиз, эҳтимол, бу йил Совет давлатининг 50 йиллик юбилейи муносабати билан катта авф кутилаётганини биларсиз?
Маховицкий билишини тасдиқлади.
— Сиз нима деб ўйлайсиз — сиз авф этиласизми?! — сўради полковник.
Маховицкий елкаларини ноаниқ равишда қисди:
— Билмайман!
— Нима сабабдан сиз бу ердасиз? — янгради савол.
— Худога эътиқодим учун!
— Худога эътиқоди учун бизда ҳеч кимни суд қилмайдилар, — тушунтира бошлади полковник. — Сизни аниқ ҳаракатларингиз — совет қонунларини бузганингиз учун озодликдан маҳрум қилишди.
Маховицкий жавоб берди:
— Мен сизнинг гапингизга қўшиламан; ўртоқ бошлиқ, тўғри, бизнинг мамлакатимизда аниқ ҳаракатлар учун суд қилишади: эътиқод учун, ибодат йиғилишлари учун, Хушхабарни тарғиб қилгани учун.
— Ленинградда қаерда ишлагансиз?
— Киров заводида.
— О, бу жуда катта революцион анъаналарга бой, машҳур собиқ Путилова заводи—ку! Унда жуда кўп марта Владимир Ильич Лениннинг ўзи нутқлари сўзлаган. Маховицкий, қандай қилиб шундай катта революцион анъаналарга бой коллектив сизни қайта тарбияламади?! — ҳайрон бўлди полковник.
— Эътиқодингизга кўра кимсиз? — полковник Маховицкийнинг масиҳий-баптист эканлигини жуда яхши билса—да, аниқлади полковник.
— Мен — Хушхабар-баптист эътиқодидаги масиҳийман.
Полковник лагер бошлиғига мурожаат қилди:
— Лагерингизда баптистлар нечта?
— Лагерга учта баптистни келтиришди. Аммо бугунги кунда лагерда улар кўпчиликни — 10–15та кишини ташкил қилади. Маховицкий ва унинг эътиқодидаги биродарлари лагерда фаол ташвиқот олиб боришди! Мен бу ҳақда аллақачон Москвага — Вазирликка билдирганман. Улар билан нима қилиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларни кутаяпман!
— Маховицкий, сиз нега лагерда эътиқодий ташвиқот билан шуғулланаяпсиз? Янги муддат олишни хоҳлайсизми? Менга сиз ва сизнинг ҳамфикрларингиз баракда очиқчасига ибодат қилишингизни, эътиқодий дунёқарашингизни бошқа маҳбусларга зўрлаб ўтказишингизни айтишди. Агар сиз ибодат қилишни бас қилмасангиз, катта авфни ҳеч қачон кўрмайсиз! — деди москвалик полковник.
— Ибодат қилмаслик бизнинг қўлимиздан келмайди, ўртоқ бошлиқ! Бунда бизнинг ҳаётимиз! Ибодат — бу бизнинг эътиқодимизнинг, Худога севгимизнинг нафасидир! Шу учун биз ибодатимиз ва эътиқодимиз учун лагердамиз! — жавоб қилди Маховицкий.
Лагер бошлиғи:
— Маховицкий, ибодат ёки озодлик — танланг!
— Биз ўз Худойимизга ибодат қиламиз! — жавоб қилди Фёдор Владимирович.
Москвалик полковник:
— Тушунинг, Маховицкий, лагер — бу давлат муассасаси! Қонунга асосан жамоат бизнинг мамлакатимизда давлатдан ажратилган. Сизнинг давлат муассасасида, ҳатто баракда ибодат қилишга ҳаққингиз йўқ!
— Аммо биз қаерда ибодат қилишимиз керак?
— Ҳожатхонада! — сурбетларча кулди полковник.
— Агар ибодатларингиз ва ташвиқотларингизни бас қилмасангиз, сизни бошқа янада узоқроқ, ярим йиллаб қуёш юзини кўриб бўлмайдиган лагерларга юборамиз! — қўшиб қўйди комиссия аъзоларидан бири. — Озод бўлганингиздан сўнг, уйингизда ибодат қиласиз, ҳозир эса озод бўлгунингизча чиданг!
— Биз баракдаги кроватимиз ёнида ибодат қилганмиз ва ибодат қиламиз ҳам. Сиз бизни озодликдан маҳрум қилдингиз, хотинларимиз ва болаларимиздан тортиб олдингиз, бизни шимолга, лагерга олиб келдингиз. Бугун — барак ва наралар — бизнинг уйимиз, шу ерда биз ибодат қиламиз!
— Сизни янада Шимолга жўнатамиз! — таҳдид қилди москвалик полковник.
— Ўртоқ бошлиқ! Шимолдан нарига — йўл йўқ, у ерда Шимолий муз океани бор. Агар бизни бошқа лагерга олиб борсангиз, унда фақат иссиқроқ ва пашшалар бўлмаган жанубга олиб борасиз, — хотиржамлик билан жавоб қилди Фёдор.
— Уни энг қийин ишларга тайинланг! — буюрди москвадан келган полковник.
— Суҳбат тугади! Кетишингиз мумкин! — деди Станицкий.
Кейин Фёдор хонадан чиққандан сўнг полковник қичқирди:
— Маховицкий! Катта авф ҳақида ўйлаб кўринг! Сизнинг озодлигингиз — ўз қўлингизда. Сизни уйда хотинингиз, болаларингиз ва ҳатто тақводор биродарларингиз кутаяпти!
Москвалик комиссия кетганидан сўнг кейинги кунлари лагер бошлиғи ўз кабинетига биз билан Худо ҳақида кўп суҳбатлашган маҳбусларни чақира бошлади. Станицкий уларнинг ҳар бирига агар улар биз билан ҳар қандай муносабатни тўхтатсалар, тезда озодликни авф бўйича ваъда қилди. Аммо бундайлар йўқ эди. Фёдор Владимировични эса лагер ёнида жойлашган посёлкадаги аҳоли уйларини қуриш бригадасига ишга тайинлашди. Аммо унинг руҳи тушмади. “Дурадгорлик ишини жуда яхши соғиниб қолгандим!” — қувноқлик билан деди у бизга.
Июлнинг бошида бизга зимдан яхшилик қилиб юрган лагер зобитларидан бири Каншаубига шундай деди: “2–3 кундан сўнг сизларнинг учалангизни Чепечанкадан бошқа лагерга жўнатишади”. Бизни бу хабар жуда тўлқинлантирди: буларнинг барчаси лагердаги Масиҳга яқинлаша бошлаган одамларнинг тақдирида қандай акс этаркан? Биз Худога ибодат қила бошладик: “Ҳеч бўлмаса биттамизни бу ерда Чепечанкада қолдир, токи биз яқинлашган қалбларга маънавий кўмак элтишда давом қилайлик!”
Бир кундан сўнг зобит бизнинг учаламизга кечқурун давлат томонидан берилган нарсаларни — матрацларни, кўрпаларни, чойшабларни, ёстиқларни топширишни ва этапга тайёрланишни буюрди:. Шу охирги куни биз яширин ибодат йиғилиши ўтказишга ва унга Худони англашга яқинлашган барча маҳбусларни таклиф қилишга қарор қилдик.
Биродарларимиз биринчи бўлиб Хушхабарни ўқишни менга топширишди. Мен янги дўстларимизга қарадим: улар бизга қандай яқин бўлиб қолишди! Худо уларнинг юракларида ўз ишини бошлади, Унинг ҳақиқати нурлари юракларининг энг яширин, чуқур жойларига барча ёвуз ва жиноий нарсаларни фош қилиб кира бошлади. Ҳақиқатдан ҳам Худо Сўзи — худди Муқаддас Китобда ёзилганидай маънавий қиличдир: “
Худо нафақат инсон қалбининг гуноҳкорона моҳиятини фош қилади ва очиб ташлайди, балки қалбларга ҳалокатли, танглик ҳолатидан чиқишга ёрқин умид, авф қилиниш ва қайта тирилишга — гуноҳкорлик зулматидан янги, қувончли ва пок ҳаётга Худо билан бирга боришга умид бағишлайди. Қалбларнинг қайта тирилиши — гуноҳларда ва жиноятларда қотган, ёлғон, сурбетлик ва нафрат билан суғорилган юрак тўсатдан яхшилик, севги ва шафқат учун очилади... Илгари тўхтовсиз сўкиш, лаънатлар ва ёмон сўзлар оқимини чиқараётган оғиз — энди қувонч билан қисқагина қилиб муқаддас сўзларни айтади: “Худо! Менинг Раббим!”
Учаламиздан ҳар биримиз йиғилганлар учун Хушхабардан парча ўқиб, қисқа ваъз айтдик. Биз лагерда биринчи марта барча Худога яқинлашганлар билан ана шундай катта йиғилиш ўтказдик. “Эртага эрталаб биз учаламиз этапга жўнашимизни айтишди!” — дедим мен сўзимнинг сўнгида. Янги дўстларимиз бизни кутаётган айрилиқдан хафа бўлишди ва хавотирга тушишди.
“Биз доимо сизлар учун ибодат қиламиз, Худо бу ерга ўз хизматкорини юборишига ва сизлар етим бўлиб қолмаслигингизга ишонамиз! Биз сизга бу Хушхабарни қолдирамиз, бу кичик гуруҳга — бўлажак лагер жамоатига жавобгарни танлашни хоҳлаймиз. Биз биродарларимиз билан муҳокама қилдик, сенга, Михаил, Хушхабарни топширишга ва бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳақида руҳий васийликни топширишга қарор қилдик. Масиҳ ҳақидаги гувоҳлик бу тайга лагерида давом қилиши керак. Худо сизни ташлаб қўймайди!” — Мен Хушхабарни Михаилга — маҳбуслардан бирига топширдим. Мен у билан Москвадан келаётган этап пайтида танишган эдим. Охирида Каншауби ибодат қилди, кейин биз йиғилишимизнинг ҳар бир иштирокчиси билан хайрлашдик ва эҳтиёткорлик билан битта-битта тарқалдик.
Уйқудан олдин баракда биз яна бирга тиз чўкиб, узоқ вақт ибодат қилдик. Ўша кеча биз яна ўз нараларимизда ухладик, аммо энди матрасларсиз, ёстиқларсиз ва кўрпаларсиз. Кейинги куни эрталаб барвақт турдик ва ибодат қилдик. Подъемдан сал олдин отряд командири баракка югуриб кирди ва: “Баптистлар, этапга!” деди.
Отряд командири — бизнинг барак тарбиячиси — 30 ёшлардаги баланд бўйли, озғин лейтенант биз — художўйларни унча ёқтирмасди. У бизни йўлимиздан қайтариш, атеизм ва материализм руҳида қайта тарбиялаш учун эътиқод ва Худо ҳақида биз билан доимо баҳслашарди. “Мен сизнинг эсингизни киритиб қўяман! Сизни тўғри йўлга соламан!” — дерди у кўпинча бизга бошқа маҳбусларнинг ёнида. Аммо у сира муваффақиятга эриша олмасди. Аксинча маҳбуслар орасида бизнинг эътиқодимизга катта қизиқиш уйғотарди.
“Баптистлар, тез ошхонага, ўз паёгингизни олинг, кейин — йўлга!” — қичқирди отряд командири. Эшикка етганда у қўшимча қилди: “Ниҳоят бизнинг лагеримиз бу баптистлардан қутулади!”
Биз ошхонадан қайтиб келганимизда, баракка яна отряд командири югуриб кирди: “Маховицкий! Хотинингиз билан учрашувга! — яна баланд овозда қичқирди у. — Бу баптистларнинг омади чопган-да — қаранг-а, хотини Питердай жойдан келибди-я!”
Маҳбус Костя — Москвалик таксист, қайта тарбиялаб бўлмайдиган баптистлардан қутулаётган отряд командирига тушунган ҳолда жилмайди.
— Гражданин бошлиқ, — деди Костя,— баптистларнинг касаба уюшмаси кучли, тўғрими! Ленинграднинг ўзидан Маховицкийнинг хотини келибди! Уларга баптистлар касаба уюшмаси жуда яхши ёрдам берибди — тасаввур қилаяпсизми — 2000 километрдан келибди-я!
— Ҳа, яна ўғли билан! — тўлдирди отряд зобити.
— Ҳа, уларнинг касаба уюшмаси мустаҳкам, — яна бир марта такрорлади Костя. — Бизникига ўхшамайди... —Костя қайғули тарзда қўлларини ёйди.
Учрашувга тўсатдан чақирилиш Фёдорни кучли ҳаяжонга солди. Биз ва Каншауби ҳам ҳайратдамиз: этап ва тўсатдан — учрашув! Аммо биз биродаримиз учун бахтлимиз.
— Келинглар, биродарларим, ибодат қилайлик, кутилмаган қувонч учун Худога миннатдорчилик билдирайлик! — дейди Фёдор.
— “Тор жойда Сен менга кенглик ато қилдинг!” — Каншауби 4-сано сўзларини ўқиди.
Биз тиз чўкдик, Фёдор ибодатда Худога Унинг ажойиб йўллари учун қизғин миннатдорчилик билдирди. Отряд бошлиғи биз ибодат қилаётганимизда сабр билан кутиб турди. “Майли, баптистлар сўнгги марта менинг барагимда ибодат қилиб олишсин! Агар улар шунчалар ақлсиз бўлсалар ва ибодатсиз тура олмасалар!” — афтидан у шундай деб ўйласа керак. Кейин Фёдор отряд командири ҳамроҳлигида вахтага учрашувга кетди. Баракда биз билан Каншаубидан ташқари яна бир нечта маҳбуслар бор. Қолганлар аллақачон баракдан чиқишиб, лагер дарвозасидаги вахта томонга разводга қараб кетишди.
Якшанбадан ташқари ҳар куни эрталаб 7.00да ишга кўрикдан ўтказиш бошланади. Деярли барча меҳнатга лаёқатли маҳбуслар қуролланган соқчилар ва итлар назорати остида ўрмонга жўнашади. Ишга кўрикдан ўтказиш лагер дарвозаси ёнидаги устунга осилган рельс парчасига қаттиқ урушдан бошланади: “Бўм! Бўм! Бўм!” соқчилардан бири рельсга темир бўлаги билан 9–10 марта урган пайтда оғир металл товуши баракларнинг ва бошқа биноларнинг барча бурчакларига етиб боради.
Кейин лагер радиоси: “Гражданин жазоланганлар! Ишга кўрикдан ўтказиш эълон қилинади! Бригадирлар ўз бригадаларингизни олиб чиқинг!” — деб шундай баланд товушда эълон қиладики, унинг овозини нафақат зона, балки бутун тайга эшитади. Бизни энди маҳбуслар деб эмас, “гражданин жазоланганлар” деб аташади — бу янгилик яқинда жорий қилинди. Лагер ҳам энди расман лагер деб эмас, МТМ — меҳнат тузатиш муассасаси деб аталади.
“Ишга кўрикдан ўтказиш! Чиқ!” — баланд товушда қичқиришади назоратчи соқчилар ҳар бир баракка кириб. Мана, барча бараклардан секин, истар-истамай лагер дарвозаси томонга қараб қовоқлари солинган, уйқудан салқиган юзли маҳбуслар судралиб боришади. Олдинда узун кун ва машаққатли, мажбурий иш... Маҳбуслар кечки соат 6–7ларда жуда чарчаб, оч қолиб, оёқларини зўрға судраб қайтадилар. Бизнинг лагеримиз ёғоч тайёрлайди: “Мамлакатга ёғоч керак!” Лагерда фақат касаллар, ногиронлар, қариялар ва хўжалик хизматчилари — супуриб-сидирадиганлар, зонада таъмирлаш ишларини олиб борадиганлар ва лагер ошхонасида овқат пиширадиганларгина қолишади.
Биз Каншауби билан баракдан чиқдик. Атроф жим-жит, сокин, шамол йўқ, тайгадан пашшалар булути учиб келяпти — афтидан, кеча давомида маҳбуслар қонини соғинишган, оч қолишган, шекилли... Бизнинг ёнимиздан дарвозага томон ишга маҳбуслар ўтиб боришяпти. Улар ғазаб билан пашшаларни ҳайдашади. Аммо уларни тайгада, ёғоч тайёрлашда нима кутяпти — ўйлашнинг ўзи даҳшат! Пашшалар шоҳлиги: ўнлаб, юзлаб пашшалар тананинг очиқ қисмларига, юзларга ва қўлларга ёпишишади.
Баъзи маҳбуслар бизнинг этап қилинишимиз ҳақида аллақачон билишади. Дўстона равишда қўлларини силкитадилар, хайрлашадилар ва биз тезроқ озод бўлишимизни тилайдилар. Кимдир тўхтаб, сўрайди:
— Этап қаерга? Нечта одам? Сизни қаерга жўнатишяпти?
— Билмаймиз! — жавоб қиламиз биз Каншауби билан. — Этапга — фақат учаламиз, шекилли.
— Ҳар қандай вазиятда ҳам сизни жанубга пашшалар кам жойга олиб боришади! Шимолга йўқ-йўқ, — ишонтиришади баъзилар.
Маҳбуслардан бири — биз у билан таниш эмасдаймиз — хайрлашишга келди ва бизнинг қўлимизни қисиб, жилмайди:
— Сизга бундай сўнг ҳам ўз эътиқодингиз учун худди шундай мустаҳкам туришингизни тилайман! Маъмурият сизнинг эътиқодни ҳимоя қилиб айтган сўзларингиздан қўрқди. Сиз ғалаба қилдингиз! Бундан кейин ҳам худди шундай қилинг!
— Сиз-чи?! Сизнинг Худога муносабатингиз қандай? — сўраб улгурдик биз.
Ёнимиздан бир зобит югуриб ўтиб борарди. Бизнинг маҳбуслар қуршовида турганимизни кўриб, у беғараз қичқирди: “Баптистлар, ташвиқотни бас қилинг! Кучингизни янги лагерлар учун асранг! Оқ йўл!”
Биз баракка қайтиб кирдик. Бир соатдан сўнг Фёдор учрашувдан қайтиб келди. У жилмаяр, бахтиёр эди.
— Нега учрашув бунча тез тугади? — сўрадим мен.
— Бошқа рухсат беришмади — этап, — жавоб қилди у. — Клава келди, яна ўғлим Миша ҳам! У жуда хурсанд бўлди, чунки у мени кўпдан бери кўрмаганди. Клава озиқ-овқат, нарсалар олиб келибди, аммо раҳбарлар рухсат беришмади. Мана фақат учта помидорни олиб ўтишга рухсат беришди.
Фёдор курткасининг чўнтагидан учта қип-қизил, катта-катта помидорларни чиқарди ва нараларнинг устига қўйди. Улар қандай чиройли ва хушбўй! Биз уларни қўлга олиб меҳр билан силаймиз: анчадан бери янги узилган сабзавотларни кўрмаган эдик. Ҳаттоки лагер овқатидаги картошка ҳам қуритилган эди. Помидорларга шу куни у ёки бу сабаб билан ишга чиқмаган бошқа маҳбуслар ҳам ҳасад билан боқишади. Фёдор тумбочкадан яшириб қўйилган ва аррадан ясалган пичоқни олиб, ҳар бир помидорни бир неча бўлакка бўлди: помидорлар ўн бўлакка бўлишди. Баракда маҳбуслар сони нечта бўлса, тахминан шунча.
“Олинглар йигитлар! Янги узилган помидорлар, ҳозиргина озодликдан!” — қувончли овоз билан мурожаат қилди у ҳаммага. Биз помидорларни газета ёзиб устига қўйдик. Маҳбуслардан кимдир бир чимдим йирик туз олиб келди. Биз ўрнимиздан туриб, овқатга Худонинг марҳаматини сўрадик. Шундан сўнг ҳар ким ўзига кичик бир бўлак янги, ажойиб мазали поимдордан олди. Шу пайт вахтадаги аскар югуриб кириб келди ва қичқирди:
— Маховицкий, Винс, Джангетов! Вахтага, этапга!
— Хайр, йигитлар! — дедик биз ҳамма маҳбусларга ва аскар билан вахтага кетдик.
Вахтада бизни тинтув хонасига олиб киришди — хонада узун оғир стол турарди. Учта аскар аллақачон бизни кутиб туришарди. “Нарсаларингизни столга қўйинг! Ҳамма нарсангизни чўнтагингиздан чиқаринг!” — деган буйруқ берилди. “Пулингиз борми? Пичоқ, устара, гиёҳванд моддалар?!” — сўрашди аскарлар.
Биз стол устига иссиқ, қишки кийимларимиз солинган қопларимизни қўйдик: пахтали камзул, пахтали шимларимиз, пийма, жун пайпоқлар ва иссиқ жун қўлқоплар солинган қопларимизни — уларсиз Шимолда мумкин эмас — ҳалок бўласан. Мана шунинг учун ҳам буларнинг ҳаммасини қопда асрашга ва лагердан—лагерга ўзимиз билан олиб юришимизга тўғри келади. Аскарлардан бири стол устига менинг қопимдаги нарсаларни тўкиб, менга қаради:
— Нега жавоб бермаяпсан? Пулинг борми? Таъқиқланган бирон нарса борми?!
— Таъқиқланган ҳеч нарсам йўқ! — жавоб қилдим мен аскарга.
— Агар топсам-чи?! Мендан таёқ ейсан! — Аскар ҳали жуда ёш, ҳали кўп бўлса ўн тўққиз ёшдадир, аммо у аллақачон қўполликка ўрганган.
— Ахтар! — дедим мен хотиржам. Бошқа аскар мени тинтув қилаётган ёш аскарга ўргатди:
— Ундан Муқаддас Китоб ҳақида сўра — уни қаерга беркитди экан?
— Қани сенинг Муқаддас Китобинг?! Бу ёққа бер! — қўполлик қилди ёш аскар.
— Лагер бошлиғида, — олдингидай хотиржам жавоб бердим мен.
— Нима сен, Худога ишонувчанмисан? Одамларни аҳмоқ қилиб, динни тарғиб қилдинг?! Сени отиб ташласа ҳам кам!
— От! — дедим мен хотиржам.
Менинг хотиржамлигим очиқдан — очиқ ёқмаяпти.
— Сен мендан оласан, ҳозир! — ириллайди у менга. — Сенинг эътиқодингни миянгдан чиқариб ташлайман!
Менинг қишки кийимларимни тинтув қилишни тугатиб аскар буюрди:
— Кийимларингни еч! Ҳамма нарсангни еч, пайпоқларингни ҳам!
Мен ҳамма кийимларимни ечиб стол устига қўйдим. Аскар синчиклаб ҳамма нарсани текшириб чиқди. Ҳар бир чивиқни бармоқлари билан синчиклаб кўрди. Аммо таъқиқланган ҳеч нарса топа олмай, менга кийимларимни қайтариб берди:
— Ол! Тез кийин!
Мен кийиниб бўлганимда тинтув хонасига лагер бошлиғи Станицкий кириб келди. Каншауби, Фёдор ҳам тинтувдан кейин кийиниб бўлишганди.
— Тинтувни тугатдингизми? — сўради Станицкий аскарлардан.
— Тугатдик! Ҳаммаси жойида, ўртоқ майор! — Станицкийнинг эгнида майор погонлари бор янгигина ҳарбий кийими бор эди: унга эндигина бу унвонни беришганди.
Мен Станицкийга мурожаат қилдим:
— Гражанин бошлиқ! Сизга мурожаат қилишга рухсат этинг!
— Ҳа, эшитаман, — жавоб берди Станицкий.
— Мен бу лагерга келганимда сиз мендан Муқаддас Китобни олиб қўйдингиз. У ҳозир қаерда? Сиз мен озод бўлган вақтимда ёки лагердан этап қилинаётганимда қайтариб беришга ваъда берган эдингиз.
— Ҳа, беришга ваъда қилганман, — тасдиқлади Станицкий. — У менинг сейфимда! Ҳозир қайтариб бераман.
Станицкий тинтув хонасидан чиқди. Тезда у қўлида Муқаддас Китоб билан қайтиб келди.
— Мана, олинг! — Станицкий менга Муқаддас Китобни узатди.. — Аммо янги лагерда уни сиздан яна олиб қўйишади, — қўшиб қўйди у.
— Раҳмат, гражданин бошлиқ, — мен Станицкийга миннатдорчилик билдирдим. — Сиз уни ўқидингизми?
— Ўқидим! Қизиқ китоб, аммо жуда кўп тушунарсиз жойлари бор.
— Муқаддас Китобда энг асосийси — бу Исо Масиҳда нажот топиш масаласи, — изоҳ берди Каншауби. — Китобдан энг асосий жойини ўқиб беришга рухсат беринг.
Каншауби менинг қўлимдан Муқаддас Китобни олиб, уни очди. Кейин Юҳанно Хушхабарининг 3:16, 17 оятларини ўқий бошлади: “
“Худо сизни севади, гражданин бошлиқ! Масиҳ хочда сизнинг ҳам гуноҳларингиз учун ўлди!” — Станицкийга мурожаат қилиб деди Фёдор. Станицкий Каншаубининг қўлидаги Муқаддас Китобга хаёлчан қарашда давом қилиб бошқа ҳеч нарса демади. Кейин у тинтув хонасидан ҳеч нима демасдан чиқиб кетди. Мен Муқаддас Китобни нарсаларим солинган қопга солдим. Аскарлар жимгина бўлиб ўтаётган воқеани кузатиб туришарди.
Тинтувдан кейин учта аскар бизни лагердан олиб чиқиб, темир йўл томонга олиб кетишди. Биз лагердан 100 метрлар нари кетганимизда, бизни тўсатдан тўхтатишди: лагердан бир зобит чопиб келарди “Жангетов! Орқага, лагерга қайтинг — сиз қоласиз!” — қичқирди зобит. Бу шунчалар кутилмаган бўлдики, нафақат Каншауби, аммо биз ҳам Фёдор билан тўхтадик: нима гап? Нима бўляпти? Зобит бизнинг ёнимизга келиб, Каншаубини елкасига қоқди: “Кетдик лагерга!”
Каншауби ўзини йўқотиб қўйди... У биз билан йўлда эди — тўсатдан бундай ўзгариш! Биринчи бўлиб Фёдор ўзига келди: “Каншауби! Худо сени лагерда қолдиряпти! Сен шу ерда кераксан!” Фёдор бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмасди, чунки ёнимизда аскарлар ва зобит туришарди. Солдатлар бизни шошира бошлашди: “Хўш, нега қотиб қолдингиз?! Кетдик!” Биз азиз Каншауби билан қучоқлашиб хайрлашдик ва зобит уни қайтиб лагерга олиб кетди, бизни эса аскарлар темир йўлга — этапга олиб кетишди. “Хайр, Каншауби! Худо сенга ёр бўлсин!” — охирги марта қичқирдим мен.
Бизнинг Чепечанка шимолий лагеримиздан жанубга Чепец бош лагеригача тор изли темир йўл боради. Шу йўлдан Кама дарёсига ёғоч чиқарилади. Нарига эса баҳорда ёғоч Кама бўйлаб оқизилади: ёғочларни сувга туширишади ва улар дарё бўйлаб Соликомскгача ёки янада узоққа — жанубга — то Волга дарёсигача сузиб боришади. Йўл тор изли ва унинг узунлиги бор йўғи 70 км бўлса-да, унинг номи жуда жарангдор — “Чепечанка темир йўли”. Чепец қишлоғида ҳаттоки кичкинагина вокзал ҳам бор: кичкина ёғоч будкача — унга бор-йўғи ўнтача йўловчи сиғади. Аммо будканинг эшиги устига
Сталин 30-йиллардаёқ бутун Узоқ Шимол орқали темир йўл ўтказмоқчи бўлган: ғарбдаги Оқ денгиздан шарқдаги Охота денгизигача, Транссибир магистралига — аммо улгурмади. Фақат Воркутагача қурдирди, у ёғини қуришга улгурмади — уруш ҳалақит берди. Бу йўлни миллионлаб маҳбуслар қуришди. Аммо тайга ва ботқоқ уни ютиб юборди, бу жуда катта ҳаракатдан фақат жуда кам натижа қолди, холос — 70 километрлик тор изли
Мана энди биз шу темир йўлдан жанубга саёҳат қилишимиз керак. Бизни кутиб турган маҳбуслар вагони худди катта ҳайвон қафасига ўхшайди, фақат ёмғирдан ҳимоя қилиш учун томи бор. Бу қафас тор темир йўли платформасига қўйилган ва платформанинг тахминан 2/3 қисмини банд қилган — бу биз маҳбуслар учун. Платформанинг 1/3 қисми 2–3 кишидан иборат соқчилар учун майдонча. Зарур бўлиб қолганда у ерга ит ҳам сиғади. Биз учун мўлжалланган вагоннинг деворлари — бу қалин пўлат симлардан ясалган панжара — шундай экан, ундан шамол ўтиб туради!
Биз маҳбуслар вагонида беш киишимиз: мен, Фёдор ва яна учта бемор маҳбуслар: улар Чепецдаги лагер касалхонасига кетяптилар. Улардан бири вагон полида ётибди, секингина инграяпти. Қолган иккитаси тор ўтирғичда ўтиришибди. Иккаловининг ҳам қўли синган. Синган қўллари қандайдир ёғоч бўлаклар қўйиб латта-лутталар билан ўралган, гипс қўйилмаган. Составда бор-йўғи иккита вагон бор: бизнинг маҳбуслар вагонимиз ва “олий даражали” деб аталадиган йўловчилар вагони. Олдинда — мотовоз йўловчилар вагонида Клавдия ва Миша кетишяпти.
Жўнашимиздан олдин “қафасимиз” олдида Станицкий пайдо бўлди. У бизнинг ҳаммамизни кўриб турибди, аммо соқчидан сўрайди:
— Этапга жами нечта одам кетяпти?
— Бешта маҳбус: учтаси — Чепецдаги касалхонага, иккита баптист эса бошқа лагерга.
Станицкий жимгина Фёдор билан бизга қарайди. У бизнинг ёнимизда турибди. Фақат қафаснинг йўғон симлари бизни ундан ажратиб турибди. Афтидан, Станицкий бизга нимадир демоқчи, аммо соқчи аскарлар ёнида айтолмайди. Биз унда панжара орқали қараб турибмиз.
— Гражданин бошлиқ, хайр! Қилган яхшиликларингиз учун раҳмат, — дейди Фёдор.
Мен ҳам Станицкий билан хайрлашдим ва унга миннатдорчилик билдирдим. Аммо Станицкий худди бизнинг миннатдорчилигимизга эътироз билдиргандай заҳархандалик билан тиржайди.
— Мен сизга қанақа яхшилик қилдим?! Қафасда ушлаганимми? — секин сўрайди у.
— Сиз бизга шахсан ёмонлик қилмаганингиз, хотинларимиз учрашувга келганларида уларни таҳқирламаганингиз учун биз сиздан миннатдормиз. Сизга катта раҳмат, гражданин бошлиқ! — қизғин дейди Фёдор.
Станицкийнинг чеҳраси ёришди:
— Сизга оқ йўл ва тезроқ озод бўлишингизни тилайман!
— Гражданин бошлиқ, Худо сизга нажот топиш йўлларини очиши учун биз ибодат қиламиз, — дедим мен хайрлашиб.
Соқчи аскарлар бизнинг суҳбатимизни қизиқиш билан тинглаяптилар. Станицкий яна бир неча дақиқа қафасимиз олдида турди, кейин эса аста-секин лагер томонга юриб кетди. Фёдор Станицкий ҳақида шундай деди: “Унинг қалби Худосиз қийналяпти! У 30-йилларда Ленинградда катта одам бўлган ва тақводорларни шахсан ўзи отиб ташлаган. Бу ҳақда унинг ўзи менга айтиб берди. Охирги ойларда эса лагерда у Худо ҳақида кўп нарсаларни эшитди, бизнинг масиҳийлик ҳаётимизни кузатди, сейфида Муқаддас Китоб турганда уни яширинча ўқиди ҳам. У бу ерга биз билан хайрлашиш учун келди. Эҳтимол, у бизда ўша ўзи ўлдирган масиҳийлар эътиқодининг давомини кўраётгандир. Худо унга тавба қилишга ва қутулишга ёрдам берсин!”
Мен эса қўшиб қўйдим: “Биласанми, Фёдор, мен ишонаманки, Худо унинг қалби устида ишлаяпти! Мана, Каншауби ҳам тўсатдан лагерда қолди — бу тасодиф эмас. Худо Каншауби орқали Станицкийнинг юрагига тақиллатишда давом қилади”.
Олтинчи боб
Жанубга этап
Мотовоз кескин труба чалди, состав ўрнидан қўзғалди: Алвидо, Чепечанка — бизнинг маҳбуслик йўлимиздаги биринчи лагеримиз! Ҳали олдинги ҳаётимизда нечта лагер бор — буни фақат Худо билади. Хайр, азиз биродаримиз Каншауби, Сени Худо асрасин!
Икки вагонли мотовоз аста-секин жуда эски, состав оғирлиги остида эгилаётган тайга тор изли темир йўлидан ҳаракат қиляпти. Йўл авария ҳолатида: уни доимо маҳбуслардан иборат қурувчилар гуруҳи тузатишади, таъмирлашади. Темир йўли албатта ботқоқли жойлардан ўтади. Биз жуда секин ҳаракатланяпмиз, тез-тез тўхтаймиз: олдинда ёғоч ортилган составлар боришяпти. Баъзида ёғоч ортилган платформалар “тўлқинланишади, яъни рельслардан чиқиб кетади. Биз авария жойига маҳбусларнинг махсус йўл гуруҳлари келмагунча ва платформани жойига қўймагунча соатлаб тураверамиз.
Ана шундай тез-тез мажбурий тўхташлар пайтида Клавдия Александровна ва Миша йўловчилар вагонидан чиқишади ва бизнинг вагон олдига келишади. Соқчилар қаршилик кўрсатмайдилар.
— Жамоат қандай? Тақводорларнинг кайфиятлари қандай? — сўрайди Фёдор хотинидан.
— Ҳаммаси яхши! Ҳамма соғлом. Йиғилишлар доимо ўз вақтида ўтиб турибди. Жамоатда ёшлар кўп, — гапирди Клавдия.
— Ташқилар-чи? — қизиқди Фёдор.
— Бизнинг мажлисларимизга тез-тез ташриф буюриб туришади, таҳдид қилишади, жарима солишади, баъзида ҳайдашади. Аммо мажлислар давом қилади.
— Киевда нима гаплар? У ердаги бизнинг жамоатимиз қандай? — савол бердим мен.
— Киев жамоатига жуда қийин: унинг аъзоларига кўп зулм ўтказишяпти: ҳукумат деярли ҳар бир йиғилишни тарқатишга ҳаракат қилади. Ҳозирги пайтда ўнтача воизлар қамалган. Аммо жамоат тирик, тетик, йиғилишлар давом қиляпти, — ҳикоя қилди Клава.
Соқчилар турли шаҳарлардаги тақводорларнинг ҳаёти ҳақидаги бизнинг суҳбатимизни қизиқиш билан тинглаб туришибди, яна маҳбуслар ҳам диққат билан эшитиб туришибди. Фёдор билан бизнинг эса суҳбатимиз тугамайди — биз бундай узоқ давом этган учрашувдан жуда хурсандмиз. Миша йўловчилар вагонидан бизга озиқ-овқат келтиради: помидор, олмалар, нон билан колбаса. Биз ўз бойлигимиздан маҳбусларга ҳам берамиз. Бундай учрашувлар бир кун давомида 5–6 марта бўляпти, ҳар бири камида ярим соат, баъзида эса бир соат давом қилади.
— Қандай қилиб сен Миша билан йўлга чиқишга журъат қилдинг? — сўрайди Фёдор хотинидан.
— Ҳозир ёз, болаларнинг таътили, шунга қарор қилдим. Кеча эса сизнинг лагерингизга бораётганимизда қизиқ бир воқеа юз берди. Ленинграддан Соликамскгача биз поездда келдик, кейин эса йўловчилар вертолётида Чепецга учиб келдик. Биз Чепецга кундузи учиб келдик. Аммо Чепечанкага фақат кечқурун “класс” вагонда жўнадик. Биласанми, ким билан бирга поездда келдик? — сўради Клавдия.
— Билмайман. Ким экан у?
— Сизнинг бошлиғингиз Станицкий! — қаттиқ овозда қичқирди Миша. — У биз билан бирга мадҳияларимизни куйлади!
— Станицкий?! Бизнинг мадҳияларимизни куйлади?!
— Ҳа, у Миша билан бирга куйлади, — тасдиқлади Клавдия. — Уни тиззасига ўтказиб сўради: ”Менга биронта илоҳий қўшиқни куйлаб бер-чи!” Миша бизнинг мадҳияларимизни куйлай бошлади. Станицкий эса унга жўр бўлди. Улар шундай деярли бутун йўл бўйи бирга куйлашди!
— Ажойиб! — хитоб қилди Фёдор.
— У яна менга сиз учалангиз ҳақингизда жуда кўп нарсаларни айтиб берди, — давом қилди Клава. — Пермда яқинда Уралдаги лагерларнинг мажлиси бўлиб ўтди, у ерда гап сиз ҳақингизда — тақводор маҳбуслар ҳақида борди. Бошлиқлар сизларни нима қилишни билишмайди! Сизнинг биродарларингиз ва опаларингиз ўтирган барча лагерларда Масиҳ ҳақида катта гувоҳлик кетяпти: Ҳамма фақат Худо ҳақида сўзлашади — маҳбуслар ҳам, соқчилар ҳам. Ҳукумат жуда хавотирга тушган: улар бир лагерда биттадан ортиқ баптистни ушламаслик керак деган қарорга келишди. Мана шунинг учун сизларни ҳар хил лагерларга ташлашмоқчи. Буларни менга кеча Станицкий айтиб берди.
— Демак, энди бизнинг художўйларимиз кўп лагерларда бўлишади ва яна кўп маҳбуслар Масиҳ ҳақида эшитишади! — хурсанд бўлдик биз Фёдор билан.
— Худонинг бу қалблар ҳақидаги ғамхўрлиги учун Унга шарафлар бўлсин. Бизнинг Масиҳ учун кишанларимиз — бу қамоқхоналарда ва лагерларда Хушхабарнинг тарғиб қилинишидир. Бунинг устига, лагер ва қамоқхоналарнинг ичидаги Хушхабарнинг тарғиботи бўлади.
70 километр узоқликдаги йўлга бутун кун кетди. Кечқурун Чепецга келдик. Клава ва Миша билан хайрлашдик. Соқчилар бизни қишлоқ бўйлаб аста-секин жўнатиш лагерига бошлаб кетишяпти. Чунки беморларимиздан бири тез юра олмайди. Тунни жўнатиш камерасида ўтказдик. У ерда биздан бошқа яна ўнтача маҳбус бор эди.
Эрталаб биз Фёдор билан жуда эрта — соат бешда уйғондик. Турдик, ювиндик, ибодат қилдик ва Муқаддас Китобни ўқий бошладик. Соат олтида лагерда ва жўнатиш лагерида умумий подъём. Ҳаммамизга 500 граммдан қора нон, 10 грамм шакар ва бир неча қошиқ қандайдир суюқ бўтқадан иборат паёк берилди. Яна ҳаммамизга бир чойнак қайнаган сув ҳам берилди.
Нонушта қилиб бўлиб биз яна Муқаддас Китобни ўқишга тутиндик! Биз уни қанчадан бери қўлимизга ушламаган эдик! Баъзи маҳбуслар қизиқиб сўрашди:
— Сиз нима ўқияпсиз?
Мен уларга Муқаддас Китобни кўрсатиб, дедим:
— Муқаддас Китобни ўқияпмиз.
Маҳбуслар Муқаддас Китобдан бирон нарсани ўқиб беришни илтимос қилишди. Аммо маҳбуслардан бири, 40 ёшлардаги кичкина жуссали, кал, ҳовлиқма бир одам камерада югура бошлади ва: “Динни тарғибот қилишни бас қилинг! Муқаддас Китоб советларга қарши китоб! Мен ҳозир сиз ҳақингизда қамоқхона вакилига айтаман!” деб қичқира кетди.
Биз илгари бундай нарсани учратмагандик: биринчи марта маҳбус ўзининг оператив қисмга, яъни лагер КГБсига яқин эканлиги ҳақида очиқ айтди. Фёдор бу жосусга мурожаат қилди:
— Қулоқ сол, яхши одам, сен нега Муқаддас Китобга ҳужум қиляпсан?! Сен уни ўқиганмисан?
У бизнинг ёнимизга югуриб келди:
— Менга ҳозироқ Муқаддас Китобни беринг, мен уни бошқаларга бераман!
— Сиз ўзи кимсиз? — сўрадим мен Муқаддас Китобни кўкрагимга қаттиқроқ босиб. — Сиз кимсиз — КГБмисиз ёки маҳбусми?
Аммо бу одам камера эшигини тақиллатиб, соқчиларни чақира бошлади.
— Гражданин бошлиқ! Тезроқ очинг! Очинг!
Тезда темир эшикнинг қулфи жаранглади ва шовқин билан очилди.
— Нима бўлди? Ким тақиллатди? — камерага иккита назоратчи кириб келди.
— Гражданин бошлиқ! — шошиб қолди жосус. — Бу баптистлар, — у қўли билан бизларни кўрсатди, — бизнинг ҳаммамизни ўз эътиқодларига ўтказмоқчилар, бу ерда Худо ҳақида тарғибот қилишяпти ва Муқаддас Китобни ўқишяпти! Бу бизнинг мамлакатимизда таъқиқланган!
Соқчилардан бири жосусга мазахомуз қараб, шундай деди:
— Сенинг нима ишинг бор? Ўқишяптими, қўй, ўқийверсинлар! Муқаддас Китоб бизда таъқиқланмаган. Муқаддас Китобни кўрсат, — мурожаат қилди у менга.
Мен кўрсатдим.
— Қайси тилда? Рус тилидами? — сўради иккинчи соқчи.
— Ҳа, рус тилида! — жавоб қилдим мен.
— Ўқи, — соқчи менга Муқаддас Китобни берди. Аммо жосус ҳеч тиниб—тинчимасди:
— Мен ҳақимда оператив бўлим бошлиғига етказинг. Баптистлар ҳақидаги масала жуда жиддий. Сиз уларнинг ёнини олмаслигингиз керак!
Соқчи елкасини қисди:
— Яхши, етказаман! Фамилиянг нима? — жосус фамилиясини айтди. Икки назоратчи ҳам чиқиб кетишди, камера эшиги тарақлаб ёпилди.
— Мен буни шундай қолдирмайман! — қутуришда давом қиларди жосус.
— Қара, қандай қутуряпти, югуриб-еляпти, — секингина деди менга Фёдор.
Биз яна нара устига ўтирдик ва Муқаддас Китобни ўқий бошладик. Аммо маҳбуслар энди бизнинг ёнимизга яқинлашмасдилар, овоз чиқариб ўқишни илтимос қилмасдилар. Фақат қўрқув билан узоқдан гоҳ бизга, гоҳ жосусга, гоҳ эшикка қарашарди. Ярим соатдан кейин эшик яна очилди ва назоратчи жосуснинг фамилиясини айтиб чақирди. Уни олиб кетганларидан сўнг ҳамма енгил нафас олди. Маҳбуслардан бири ҳатто:
— Мана кал шайтон! Ер ёрилиб шундайларни ютиб юбормайди ҳам! — деди ва алам билан оёғи остига тупурди.
— Ҳозир тезкор бошлиқ келади ва Муқаддас Китобингизни олиб кетади, — фараз қилди бошқа маҳбус.
— Эҳтимол, олиб қўйишар ҳам, — тасдиқладик биз. — Аммо Муқаддас Китобнинг ҳаммасини ололмайдилар, фақат бу китобни. Бизнинг юрагимизга Худо ёзган нарсаларни улар ололмайдилар! Муқаддас Китоб — фойдали китоб. Унда Раббий ҳар бирингизни севади деб ёзилган. У хочда сизнинг ҳам гуноҳларингиз учун ўлди. Аммо иблис сизнинг унинг ҳукми остидан чиқиб кетишингиздан қўрқади. Шунинг учун ҳам қутуради, — тушунтира бошладик биз маҳбусларга.
Яна камера эшиги тарақлади ва камерага ўрта бўйли, тўла, думалоқ юзли, майор унвонидаги зобит кирди. Унинг ёнида олдинги иккита назоратчи ҳам бор эди. Майор ўткир нигоҳ билан камерани кўздан кечириб, нигоҳини олдин Фёдор билан бизга, кейин нара устида турган Муқаддас Китобга қадади. Унинг кўзлари ғазаб билан қисилди, чеҳраси ёвузлашди.
Камерадаги барча маҳбуслар қандайдир ғужанак бўлишди ва қўлларини орқаларига қилиб жим қотишди.
— Бу кимнинг китоби? — майор қўли билан Муқаддас Китобни кўрсатди.
— Меники, гражданин бошлиқ, — жавоб қилдим мен.
— Бу нима, Муқаддас Китобми? — қайтариб сўради майор.
— Ҳа, Муқаддас Китоб, — жавоб қилдим мен
— ИИВнинг Ахлоқ тузатиш муассасаларида Муқаддас Китоб таъқиқланган, шунингдек, диний ташвиқот ҳам таъқиқланган! — ҳар бир сўзини чертиб-чертиб сўзлади майор. Кейин у давом қилди:
— Сиз Муқаддас Китобни тарғибот қилганингиз учун янги муддат олишингиз мумкин!
— Мен индамадим. Майор яна ҳаммага қаради ва кейин менга мурожаат қилди:
— Сизнинг муддатингиз қанча?
— Умумий тартибли лагерда уч йил, — жавоб қилдим мен.
— Қанчасини ўтадингиз? — майорнинг янги саволи.
— Бир йилини.
Майор истеҳзоли жилмайди:
— Фақат бир йил! Демак, сиз ҳали озодликдан маҳрум қилинган жойларда ҳеч нарсага ўрганиб улгурмабсиз, Муқаддас Китобингизни ташвиқот қилишда давом қиляпсиз. Уч йил бу болаларча муддат (ҳеч нарса эмас). Сталин пайтида Муқаддас китоб учун 25 йиллаб беришарди! Эътиқодингизни тарғибот қилишни бас қилинг! Жазолаймиз! Шафқатсиз жазолаймиз! Сизни бу ерга тузатиш, қайта тарбиялаш учун юборишган, эътиқодни тарғибот қилиш учун эмас! — ғазаб билан деди майор.
Кейин у нараларнинг ёнига келди ва қўлига Муқаддас Китобни олиб эшикка йўл олди. Назоратчилар жимгина унинг кетидан кетишди.
— Гражданин бошлиқ! Бу менинг Муқаддас Китобим, қайтиб беришингизни сўрайман! — мен эшик томонга қараб бир неча қадам юрдим.
— Мен сизнинг Муқаддас Китобингизни мусодара қиламан! — совуқ овоз билан деди майор.
— Ундай бўлса, гражданин бошлиқ, менга Муқаддас Китобни мусодара қилишингиз ҳақида расмий ҳужжат беринг, — мен яна майорга мурожаат қилдим.
— Расмий ҳужжатни осмондан оласиз! Худодан! — қичқирди майор ва ғазаб билан камера эшигини ёпди.
Камерага қалбни эзувчи сукунат чўкди. “Ҳужжатни осмондан оласиз!” — такрорлади маҳбуслардан бири. Кейин эса жосусни эслади: “Мана кал нима қилди!”
“Ибодат қиламиз!” — қарор қилдик биз Фёдор билан. Биз наралар олдида тиз чўкиб, узоқ ибодат қилдик: майор учун ҳам, жосуснинг қалби учун ҳам, ҳозиргина қўлимиздан олинган Муқаддас Китоб ва Худо майорни уни ўқишга ундаши учун ҳам. Ибодатдан кейин биз “Худойим, Сенинг уйингни яхши кўраман” деб аталадиган Хушхабар мадҳиясини куйладик. Бандилар жим туришар, диққат билан қулоқ солишарди.
Кейинги куни эрталаб соат саккизларда соқчилар Фёдор билан бизни жўнатиш лагеридан олиб чиқишди ва дарё томонга олиб кетишди. Чепец лагери катта Урал дарёсининг Кама қирғоғида жойлашган. Бизни дарё бўйлаб саёҳат кутарди. Ёз ойларида маҳбусларни кўчириш учун махсус ўзиюрар баржалардан фойдаланиларди. Мана бизни ҳам соқчилар тор зинадан баржага олиб чиқади. Баржа унча катта эмас, бу металлдан ясалган. Трюм очиқ ва саёз, биз унинг ичига тушдик. Бошларимиз Трюмдан чиқиб турибди, бизга қирғоқ, қишлоқ ва лагер кўриниб турибди. Соқчилар — учта аскар палубада жойлашишди, уларнинг ёнида катта қопонғич ит ҳам бор. Сузиб кетдик!
Биз оқим бўйлаб пастга сузиб кетяпмиз. Ўзиюрар баржа анча тез сузяпти. Биз Трюм деворлари ёнида турибмиз. Атрофни кузатиб кетяпмиз: қандай яхши, атроф жуда гўзал! Ям-яшил тайга дарёгача бостириб келган, баланд, сарвқомат арчалар ва кенг сершох қарағайлар — ҳамма-ҳаммаси ям-яшил, байрамона безанган. Тайга дарёси шамоли, мусаффо ва салқин юзни, кўкракни эркалайди. Осмон эса — оч мовий, унда енгил оқ булутлар сузиб юрибди. Қуёш меҳр билан танамизни иситади. Атроф жим-жит, сокин. Чексиз дарё кенглиги, озодлик ёнгинамизда — шундай яқин туюлди. Аммо соқчиларга қараб озодлик биздан қанчалар узоқ эканлигини англаймиз.
Урал жуда гўзал! Серсув шимол дарёлари чиройли: кичик-кичик, ҳеч ким билмайдиган тайга жилғалари ва дарёларидан улар қудратли дарё оқимларига айланадилар. Биз Фёдор билан буларнинг барини Худо қандай донишмандлик билан яратганидан завқланамиз! Куйлагинг, Яратганни шарафлагинг келади! Ва биз куйлай бошлаймиз — Худо бизнинг ҳаётимизни бойитиш учун берган ҳамма нарсаси бизнинг масиҳийлик мадҳияларимизда ўз аксини топади. Улуғвор ва серсув дарёнинг ўзи ҳам, ям-яшил тайга ҳам, мовий осмон ҳам, — биз билан бирга тантанали мақтов мадҳияларини ва Худога миннатдорчиликни куйлагандай бўлади: “Раббим, Сен қанчалар буюксан!”
Биз дарёнинг иккала томонидан жойлашган қандайдир қишлоқлар ва посёлкалар ёнидан сузиб ўтяпмиз. Баъзи уйлар, айниқса баландроқ тошлоқ қирғоқдагилар дарёга жуда яқин қурилган. Уйларнинг деразалари ва ҳатто оқ пардаларигача кўриниб турибди. Уйларнинг ёғочларини ҳам фарқлаш мумкин: қалин, оғир, вақт ўтиши билан қорайган. Илгари, қадимда Уралда уйларни мустаҳкам, бақувват, асрларга етгулик қилиб қуришарди. Мана бугун ҳам улар бузилмасдан, на совуқлардан, на қорлардан, на узоқ давом этадиган куз ёмғирларидан хавфсирамай туришибди. Оч мовий рангга бўялган дераза ромлари эса нақшлар билан безатилган, оқ пардалар тутилган, уйларга байрамона кўриниш бағишлайдилар. Атрофдаги ҳамма нарса бу қуёшли ёз кунида ёрқин, шодон ва байрамонадир.
Биз қирғоқда турган одамларни ҳам кўрамиз: кўпинча бу кафтлари билан ёрқин қуёшдан кўзларини пана қилиб бизнинг баржамизни кузатиб қолаётган аёллардир. Айниқса, қирғоқ яқинида чўмилаётган болаларни кўриш биз учун жуда қувончлидир. Баъзида қаршимиздан дарё юқорисига қараб сузаётган, баланд қувурли — ҳали эски тузилишдаги йўловчилар пароходи чиқади. Унинг ғилдираклари сувни шодон шапиллатиб айланади. Бундан ташқари, биз дарёда қуёшда қорайган балиқчилар ва уларнинг балиқ тутадиган қайиқларини ҳам учратамиз. Барча одамлар — параходдагилар ҳам, қайиқдагилар ҳам, қирғоқдагилар ҳам — бизнинг баржамизга безовталик билан қарайдилар, айниқса ит ва қуролланган аскарларга. Эҳтимол, улар бизнинг Трюмдан чиқиб турган ва сочи қириб олинган бошимизни ҳам кўришгандир... Бизнинг баржамизни — бу сузувчи қамоқхона эканлиги ва унда тутқун маҳбуслар борлиги ҳаммага аниқ.
Биз Фёдор билан тезда бир-биримиздан ажралишимизни тушунамиз — турли лагерларга олиб кетишади. Аммо ҳозир биз биргамиз, яна Муқаддас Китобдан олинган севимли оятимиз эсга тушади: “
Дарё сокин оқади, бизнинг баржа сузаяпти, булутлар ҳам сузишяпти. Шунингдек, бизнинг еримиз ва бутун коинот Худонинг режалари ва қонунларига асосан яратган кўзга кўринмас, чексиз кенгликда сузиб боряптилар. Бизнинг Худойимиз буюк, У бизни севади! Худо севгиси ва Унинг мангулиги билан қиёслаганда бу кишанлар, бу тутқунлик нима бўпти! Ким биздан Худо севгисини ва бизнинг Унга бўлган ишончимизни тортиб ола билади?! Ҳеч ким!
Туш вақтида жазирама қуёшдан металл баржа жуда қизийди, биз энди Трюм девори олдида тура олмаймиз. Металлга қўл теккизиб бўлмайди — шунчалар иссиқки, қўлни куйдиради. Биз Трюм ўртасида турибмиз, салқин дарё шамоли бизни тетиклаштиради.
Дарё бўйлаб бизнинг саёҳатимиз 6–7 соат давом қилди. Биз Бондюг қишлоғига етиб келдик. Пристанда бизни аллақачон Соликамск соқчилари билан бирга очиқ юк машинаси кутяпти, Чепец аскарлари бизни уларга топширишади. Бондюгдан Соликамскгача 120 км, йўли тайга йўлларига нисбатан яхши. Тўғри, у тупроқ йўл, асфальт қилинмаган, аммо ўнқир-чўнқирларда жуда силтаса-да, машинада юриш мумкин. Машина жуда тез юряпти, кечга томон биз Соликамскга етиб келдик. Яна қамоқхона, жўнатиш қамоқхонаси, яна тинтув ва янги камера!
Еттинчи боб
Соликамск жўнатиш қамоқхонаси
Соликамск жўнатиш қамоқхонасида бизни бўш камерага жойлаштиришди. Камера унча катта эмас, 10–15 кишига мўлжалланган. Биз камерага кирганимизда бурнимизга қандайдир кимёвий модданинг ўткир ҳиди урилди: ҳавода ўткир ҳидли майда оқ заррачалар учиб юрарди. Полдаги наралардан, деворларда эса оқ кукун қатлами ётарди. Нафас олиб бўлмасди: камерадаги заҳарли ҳид димоқни куйдирар, ўпкага ўтарди. Биз йўтала бошладик, кўзларимиз ёшланди. Дарёнинг тоза ҳавосидан сўнг тўсатдан бундай “одам ўлдирадиган хонада” бўлиб қолиш!
Биз камера эшигини тақиллата бошладик:
— Гражданин бошлиқ! Эшикни очинг! Биз нафас ололмаяпмиз! — Биз узоқ тақиллатдик, аммо жавоб бўлмади.
— Очинглар! Очинглар!
Биз кам қимирлашга ҳаракат қилардик. Чунки сал ҳаракатлансак устидаги ва полдаги оқ кукун заҳарли туман булутини ҳосил қилиб ҳавога кўтариларди. Нафас олиш керак! Шу тарзда икки соат ўтди. Бошларимиз жуда оғрирди. Биз девор тагида полда ўтириб рўмолча орқали нафас олишга ҳаракат қилардик. Аммо ҳеч нарса ёрдам бермасди — бутун ички аъзоларимизга бу заҳарли оқ кукун ўтириб қолганди! Шунингдек, кийимимизга ҳам оқ қатлам ўтириб қолганди. “Худойим! Сен ҳаммасини кўряпсан! Бизга ёрдам бер!”
Биз заҳар кўзларимизга кирмаслиги учун уларни юмишга ҳаракат қиламиз, бўлиб-бўлиб нафас оламиз... Ниҳоят камера эшиги очилиб, ёши ўтганроқ соқчи эшикдан бизга қаради.
— Сиз бу ерга қандай кирдингиз? Бу камерага ҳозиргина ДДТ кукуни сепишди-ку, дезинфекция қилинди. Сизни бу ерга ким олиб кирди? — сўрайди у.
— Ким олиб кирди?! Соқчилар, албатта! Бу камерани ўзимиз танламаймиз-ку!
— Сиз нега қамалгансиз? Қайси модда? — қизиқди соқчи. У сергап эди. Қандайдир хонаки ва 60 ёшларда эди.
— Биз тақводорлармиз! Худога эътиқодимиз учун қамалганмиз, — жавоб қилдик биз.
— Демак, баптистларсиз! — мулойимлик билан аниқлик киритди соқчи.
Биз очиқ эшик орқали коридордан кираётган нисбатан тоза ҳаводан очкўзларча нафас оламиз.
— Ҳа, унда нега сизни бу хонага жойлаштиришгани тушунарли! Қайта тарбиялашаяпти, демак, эътиқодингиздан совитишмоқчи, — давом эттирди у ўзининг нутқини бамайлихотир. — Тез чиқинглар, бўлмаса тез орада ўласиз! Мен эса жавоб бераман, чунки менинг сменам, менинг камераларим! Бошлиқларга нима? Сизни эътиқодингиз учун ўлдирадиган хонага қамаб қўйишди, агар сизга бирон нарса бўлса, бошлиқлар ўзларини четга олишади. Айбдор — “стрелкачи” — мен! Қаерга қарадинг? Юринг, юринг, бечоралар! Худога шукр, тирик қолибсиз, нафасингиз қисилмабди! Мен бу ерда кимдир борлигини билмабман ҳам, ҳозиргина сменани қабул қилиб олдим!
Биз қамоқхона коридорига чиқдик — ифлос, оқ кукун билан булғанган. Бизнинг қишки кийимларимиз солинган қоплар ҳам оппоқ. Соқчи бизни коридордан бошлаб боряпти, камералардан бирини очади. У ерда бир нечта маҳбуслар бор.
— Сиз қаердансиз, тегирмончилар? — кутиб олишди бизни камерадаги маҳбуслар.
Биз чиндан ҳам бошимиздан оёғимизгача оппоқ ун билан қопланган тегирмончиларга ўхшаймиз.
— Биз фақат тахтаканаларни ва бизни — тақводорларни ўлдирадиган алоҳида камерадан келдик! — жавоб қилдик биз.
Камерада сув оқаётган кран бор: жуда яхши! Биз ювиниб, тоза совуқ сувни очкўзлик билан ичдик. Эҳтиёткорлик билан кийимимиздан оқ кукунни қоқамиз, аммо кукун шунчалар кўпки, камерада оқ булут пайдо бўлади.
— Эй, эй, секинроқ! Бўлмаса бизни ҳам заҳарлайсизлар! — қичқиради бизга маҳбуслар. Ярим соатдан кейин камера эшиги очилиб, ўша хушфеъл назоратчи менинг фамилиямни айтди:
— Хотининг билан учрашувга чиқ!
Яна кутилмаган янгилик — ҳеч нарса тушуна олмаяпман! Фёдор ҳам.
— Бу, Маховицкийни учрашувга бўлса керак? — аниқлик киритишга ҳаракат қилдим мен.
— Сенинг фамилиянг Винсми?
— Ҳа, Винс! — жавоб қилдим мен.
— Ундай бўлса, учрашувга чиқ! Сенинг олдингга Киевдан хотининг келди!
Ҳайрон бўлиб, мен камерадан чиқдим. Биз шошмасдан қамоқхона коридоридан бораяпмиз. Менинг раҳмдил назоратчим калитларни ўйнатиб, ярим овозда куйлайди:
— Бизнинг ҳаётимизни тақдир эмас, Худо бошқаради, — унинг қўшиғини тузатдим мен.
— Эҳтимол, Худодир! Ким билади? — тезгина кўнади назоратчи. — Мана сенга ҳам Худо ўша Киевнинг ўзидан учрашув учун хотинингни юборди. Сизларнинг — баптистларнинг Худоларингиз яхшига ўхшайди.
Жўнатиш қамоқхонаси биносидан чиқаверишда мени бошқа ёш ўзбек соқчи қабул қилиб олди. У мени кенг қамоқхона ҳовлиси орқали учрашувлар биносига бошлаб боряпти. Кейин махсус хонага олиб киради. Хонада узун стол ва бир нечта стуллар турибди.
— Шу ерда ўтириб тур, — деди у менга, ўзи эса чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг хонага хотиним Надя ва 25 ёшлардаги иккита йигит кириб келишди.
— Бу бизнинг эътиқоддаги биродарларимиз! — деди Надя ва яқин келиб мени қучоқлади.
— Аммо бу нима — сен бошдан оёғинггача оқ бир нарсага булғанибсан-ку? Нима бўлди?!
Надя менинг кийимимдан оқ кукун қолдиқларини қоқишга ҳаракат қилди. Мен уни тўхтатдим.
— Эҳтиёт бўл, бу кукун жуда заҳарли. Бу — дуст!
— Сенга нима бўлди ўзи? — яна сўрайди у овозида ташвиш билан. Мен уни хотиржам қиламан:
— Ташвишланма, буларнинг ҳаммаси аллақачон ўтиб кетди. Салом, азизим! Сенинг келишингни ҳеч кутмагандим!
— Мен сени топиб олганим — буни бутун бошли бир ҳикоя қилса бўлади! Бу ерда мен билан Клавдия Маховицкая ҳам бор. Биз бирга Соликамскдан учиб келдик. Агар у бўлмаганда, мен ҳозир бекорга Чепечанкага борган бўлардим, — айтиб беришга шошилди Надя.
Мен ёш биродарларим билан танишдим. Улар Соликамскдаги маҳаллий баптистлар жамоатидан эдилар. Уларнинг ота-оналари ҳали 1941 йилдаёқ Украинадан Шимолий Уралга сургун қилинишган эди. Шундан бери улар Соликамскда яшарканлар. Менинг янги танишларим шу ерда — Уралда туғилган эдилар.
— Сиз билан учрашувга бизни ўтказишади, деб ҳеч ўйламаган эдик, азиз биродарим! — улар қувонч ва шодлик билан сўзлардилар.
— Сизнинг Соликамскдаги жамоатингиз қандай? — суриштирдим мен.
— Жамоатимиз унча катта эмас, унда 100 тача одам бор. Биз таҳқирланган биродарларимиз билан биргамиз, — жавоб қилишди биродарлар.
Надя Киевдан келтирган катта озиқ-овқатлар солинган жомадонни улар олиб киришди. У соқчидан сўради:
— Эримни овқатлантирсам мумкинми?
— Овқатлантиринг, овқатлантираверинг! Марҳамат! — жилмайди ўзбек соқчи.
Мен ажабландим: ўзи ўзбек, аммо рус тилида яхши гапираркан. Надя стол устига оқ салфетка ёзди. Озиқ-овқатларни чиқариб қўйди, нон, колбаса, пишлоқ кесиб қўйди.
— Хўш, энди овқатланишни бошлашинг мумкин, — деди у.
— Йўқ, мен бир ўзим овқатланмайман! Келинглар, бирга овқатланамиз! — Биз ибодат қилиб, овқатлана бошладик. Ўзбек соқчи бизнинг суҳбатимизга қулоқ солиб, қизиқиш билан қарарди.
Надя эса қандай қилиб бу ерга келиб қолганлиги ҳақидаги ҳикоясини давом қилдирарди:
“Биласанми, мен Чепецда Клава билан мутлақо тасодифан учрашиб қолдим. Мен Соликамскдан йўловчи вертолётда учиб келдим. Вертолётда 12 та одам бор эди. Вертолёт ерга қўнди, биз торгина темир зинадан пастга туша бошладик. Ҳали вертолётда пайтимда мен пастга қараб, ёнида 9 ёшлардаги ўғил бола бўлган аёлга эътибор қилдим. Улар қайтиб Соликамскга учадиган рейсни кутишарди. Унинг юзи менга таниш кўринди. Мен ерга тушдим. У ҳам менга диққат билан қарарди. Кейин эса менинг ёнимга келди ва:
— Сиз Надямисиз? Георгий Петровичнинг хотини-а? — деб сўради.
Шунда мен уни танидим: биз илгари ҳеч учрашмагандик, аммо мен уларнинг оилавий суратларини кўрганман.
— Сиз эса Клава Маховицкаясиз-а?
Биз қучоқлашиб, йиғлаб юбордик... Мен унга шундай дедим:
— Мана Георгийнинг олдига Чепечанкага кетяпман. Сиз учрашиб қайтаяпсизми?
Аммо шунда Клава тез, ҳаяжон билан гапира бошлади, чунки вертолётга чиқиш бошланган эди:
— Надя, тезроқ кассага югуринг, Соликамскга қайтиш чиптасини олинг. Эрларимиз аллақачон Чепечанкада йўқ. Мен жомадонингизга қараб тураман.
Мен ҳеч нарсани тушуниб улгурмай аэропорт биносига қараб чипта учун югурдим. Мен чипта олиб бўлгунимча вертолётни ушлаб туришди. Ва мана мен бу ердаман! Клава ва Миша ҳам шу ерда! Эҳтимол, унга ҳам Фёдор Владимирович билан учрашишга рухсат беришар.
Бизнинг учрашувимиз тахминан икки соатча давом қилди. Надя менга оиламиз, болаларимиз ва Жамоат ҳақида сўзлаб берди. Кичкина қизимиз Женя икки ёшга кирганди, у яхши гапирарди. Ундан: “Женя, сенинг даданг қани?” — деб сўрасалар, у девордаги суратни кўрсатиб: “Менинг дадам қамоқхонада. Мен тез орада дадамнинг ёнига бораман, уйга олиб келаман!”
Учрашув сўнгида Надя озиқ-овқатларнинг бир қисмини унча катта бўлмаган қопчага солиб, назоратчидан: “Мен эримга бир оз озиқ-овқатлар бермоқчиман. Сиз рухсат берасизми?! — деб сўради.
Ўзбек йигити индамай розилик маъносида бошини силкитди. “Сизга катта раҳмат!” — миннатдорчилик билдирди унга Надя.
Охирида биз Худога бу кутилмаган учрашув учун миннатдорчилик билдириб ибодат қилдик. Мен азиз рафиқам ва эътиқоддаги биродарларим билан хайрлашдим.
— Руҳингизни туширманг, биродарларим! Ҳамма нарсада Раббимизга содиқ бўлинг! Соликамскдаги жамоатингизга ва Уралдаги барча тақводорларга менинг алангали биродарлик саломимни етказинг.
Мен Надя орқали Киевдаги жамоатга ҳам салом юбордим, мен учун болаларимизни ва кекса онамни ўпиб қўйишини сўрадим. Кейин биз ажралдик.
Ўзбек назоратчи мени учрашувдан қамоқхона ҳовлисидан олиб ўтаётганда, у сўради:
— Сен эътиқодинг учун қамоқхонадамисан?
— Ҳа, Худога эътиқодим учун, — жавоб бердим мен.
— Нимага озиқ-овқатни кам олдинг?! Кўпроқ олиш керак эди!
— Яхши муносабатингиз учун раҳмат! — миннатдорчилик билдирдим мен ўзбек йигитга.
Мени камерага олиб кирганларида, Фёдор камерада йўқ эди — уни ҳам хотини билан учрашувга чақиришганди. Тез орада у ҳам учрашувдан қайтиб келди. Кейинги кун яна этап. Фёдор билан бизни ва яна ўнтача бошқа маҳбусларни жўнатиш лагери дарвозасидан олиб чиқишди. Бизни ёпиқ машина кутиб турарди. Нарироқда эса хотинларимиз, Миша ва йигирматача Соликамсклик тақводорлар — улар асосан ёшлар эдилар — кутиб туришарди. Бизнинг хотинларимиз ва тақводор дўстларимиз қўлларини силкитиб биз билан хайрлашдилар. Автомат ушлаган аскарлар бизни ўраб олишди. Итлар ириллаб ипларини узгудай бўладилар.
Биз Фёдор билан на аскарларга, на итларга ёки қайғули бомбадан ҳосил бўлган чуқурчага эътибор қилдик. Биз фақат ёш тақводорларнинг юзларини, уларнинг қувонч ва Худога ишонч—умид билан нур сочаётган кўзларини кўрардик.
Ёшлар — бу Жамоатнинг қуввати, унинг келажаги! Даҳрийлик ёшларни Масиҳга қўймади, уларни Худо севгисидан ажратиш учун бор кучини масиҳий ёшларга қарши ташлади! Аммо Муқаддас Китобда, ҳали масиҳийликнинг эрта тонгида I асрда пир Юҳанно ёшларга шундай сўзлар билан мурожаат қилди:
Мана бу Соликамск жамоатидан бўлган ёш дўстлар ҳам бизга — эътиқоддаги ўз биродарларига — Масиҳ учун банди бўлганларга жўнатиш лагерига таскин бериш учун келдилар. Улар қўрқмадилар, ҳижолат бўлмадилар. Уларга қараб бизнинг юракларимиз шодланарди: биз олдимизда Жамоатни кескин таъқиб қилиш пайтларида руҳан туғилган янги масиҳийлар авлодини кўрардик. Улар биздан олдинроққа кетишларига, халққа Масиҳнинг янги Хушхабарини олиб боришларига ишонардик! Худо бизнинг олдимизда тирик, ҳақиқий ва ғалабали эътиқод уфқларини очди!
Маҳбусларни кемага чиқара бошлашди. Яна уларнинг фамилияларини, моддаларини, қамалиш муддатларини айтиб чақиришди. Ҳар бир чақиришдан сўнг фамилияси айтилган маҳбус машинага югуриб чиқиб олади. Мана, ниҳоят, биз ҳам машинадамиз. Аммо машина эшиги ҳали очиқ, бизга хотинларимиз ва эътиқоддаги дўстларимизнинг азиз чеҳралари, мовий осмон ва узоқларда ястаниб ётган ва уфққа туташиб кетган ям-яшил тайга кўриниб турарди. Машина ҳали жойида турарди, биз узоқ вақт — йигирма дақиқача машинанинг очиқ эшигидан қараб турибмиз. Эҳтимол, бизнинг дўстларимиз ва қадрдонларимиз бизни кўришмас, чунки машина ичида бирон нарсани кўриш қийин. Аммо улар кетмайдилар. Машинадаги барча маҳбуслар бизнинг дўстларимизга эътибор қилишади.
— Улар сизнинг олдингизга келишганми? Улар сизникими? — сўрайди улар.
— Улар бизнинг хотинларимиз ва менинг ўғлим, — жавоб қилди Фёдор.
— Қолганлари—чи?
— Тақводорлар, бизнинг эътиқоддаги дўстларимиз.
— Улар анча ёш-ку, яна тақводормилар?
— Ҳа, улар ёшликданоқ Масиҳда ҳаёт мазмунини топганлар.
Саволлар кўп. Маҳбуслар бир-бирларининг сўзларини бўлиб, биздан эътиқод ҳақида, Худо ҳақида, бизнинг ўзимиз ҳақимизда сўрашади: Нега қамашди, қанча муддатга? Биз ҳамроҳларимизга тушунтирамиз: “Бизни эътиқодимиз учун, Хушхабарни тарғиб қилганимиз учун, Худо ҳақида сизга ўхшаган одамларга айтиб берганимиз учун қамашди!”
Биз маҳбусларнинг саволларига зўрға жавоб бериб улгурамиз, аммо юрагимиз шодликка тўла — мана, Масиҳ ҳақида гувоҳлик беришнинг янги имкониятлари!
Машина ҳали ҳам жойида турибди, унинг эшиклари ҳали ҳам очиқ. Соқчилар ҳам шу ерда, аммо итлар кўринмайди. Эҳтимол, олиб кетишган бўлса керак... Миша тақводорлар гуруҳи олдида турибди. Унинг қўлида помидор ва оқ нон солинган сумка. Маҳбуслардан бири хўрсинди: “Мен неча йиллардан бери помидор еганим йўқ...” Яна иккита маҳбусни олиб келиб бизнинг машинамизга ўтқазишди. Тўсатдан Миша машина томон югуриб кела бошлади. Аскарлар ўзларини йўқотиб қўйишди. Миша эса охирги маҳбус билан бирга машинага сакраб чиқиб олди ва бизга помидор, нон солинган сумкани ташлади. Соқчилар қичқиришди, машина эшигини ёпишди. Аммо биз Миша яна ўз жойига, дўстларимиз орасига бориб жилмайиб турганини кўриб улгурдик.
Машинадаги маҳбуслар ҳаяжонда. Фёдор чуқур нафас олди: “Яшавор, Миша! Қўрқмаганини қаранг!” У қўлидаги помидорлар ва оқ нон билан маҳбусларга юзланди: “Ҳозир биз ибодат қиламиз, Худога бизга юборган егулиги учун миннатдорчилик билдириб овқатланиб оламиз”. Сўнгра у баланд овоз билан ибодат қилди ва ҳаммага биттадан помидор тарқатди. Мен эса ҳаммага нон бўлиб бердим. Нон янги, оппоқ, биз анчадан бери бунақасини емаган эдик.
Тўсатдан машина эшиги очилиб кириб келган зобит сўради:
— Нима бўлди? Сизларга нима беришди?
— Помидор билан нон, бошлиқ! — жавоб қилишди маҳбуслар.
— Кўрсатинглар, мен кўрмоқчиман! — дейди зобит.
— Ҳеч нарса қолмади! Биз аллақачон едик! — бир овоздан жавоб қилишди маҳбуслар.
— Мана фақат сумка қолди, — кимдир зобитга бўш сумкани узатди.
Зобит қўлини силтаб, четга ўтди. Машина эшигини эса очиқ қолдирди.
Саккизинчи боб
Эътиқод уфқлари
Машинанинг очиқ эшигидан биз на дўстларимиз ва қадрдонларимизнинг чеҳраларини кўрдик: “Хайр азизлар! Хайр, эътиқоддаги дўстларимиз!” деб қичқиришга зўрға улгурдик.
Машина эшиги ёпилиб, ўрнидан қўзғалди. Олдинда этап! Аммо нафақат этап: олдинда Худога хизматнинг янги уфқлари, эътиқоднинг уфқлари! Бизни олдинда ўнлаб янги жўнатиш лагерлари, қамоқхоналари кутаётганлигини, шунингдек, ҳали олдинда яқинларимиз ва дўстларимиз билан кўп йиллик айрилиқ йиллари борлигини билсак-да, қалбимиз шодликдан жўш уради. Олдимизда — ҳали қанчадан-қанча Масиҳ таълимоти тантанаси учун руҳий кураш йиллари бор. Исо Масиҳ — бу ҳақиқат ва ҳаёт йўлидир! У бизнинг қутқарувчимиз, бизнинг ёруғ умидларимиз, бизнинг ғалабага ва қувончга бўлган сўнмас ишончимиздир! Унда бизнинг ҳозиримиз ва келажагимиз, бизнинг эътиқодимиз уфқларидир!
Худо биз билан — бизнинг болаларимиз, хотинларимиз билан, бизнинг эътиқоддаги дўстларимиз билан. Аммо Худо нафақат бизни, художўйларни севади, балки У барчани — рус, черкас, украин халқларини — дунёнинг ҳамма халқларини севади.
Ва У бизга масиҳийларга Ўз амрини айтган:
Худонинг ҳар бир халқ ҳақида ўзининг мангу режалари бор:
Ер юзидаги барча халқлар учун, жумладан, руслар, украинлар, черкаслар учун Худо яшаш жойини ва вақтини белгилаб қўйган. Худонинг фикрлари ва режалари қандай ажойиб! Ҳар бир одамнинг, барча халқлар ва мамлакатларнинг ҳаётида Худо...
Художўй бўлиш қандай бахт, ҳатто шу тор машина ичида ҳам Худо уфқларини кўриш, бутун инсоният тарихи нимага йўналтирилганлигини тушуниш қандай бахт! Ва ўзининг кичик, ўз тақдирини худди Худо марҳаматининг бир бўлагидай қабул қилиш. Унинг эътибори ва севгисини. Худо дунёдаги барча халқлар ва инсонлар:
Афинада, Қадимги Грецияда Хушхабарнинг буюк тарғиботчиси ҳаворий Павлус ҳам масиҳийликнинг эрта тонгидаёқ шундай деган. Худди шундай: биз ҳам Худо марҳамати билан бугунги — йигирманчи аср сўнгида Масиҳ ҳақидаги буюк ҳақиқатни эълон қиламиз. Мана шунинг учун Худо бизни судьялар ва прокурорлар олдида, турмаларда ва лагерларда, этапларда ва жўнатиш пунктларида маҳбуслар орасида , аскарлар ва зобитлар орасида Ҳақиқатни айтиш учун юборди.
Худо Ҳақиқатини ҳаммага тарқатиш ишлари боряпти! Худо Россия, Украина, Белоруссия халқларининг, Урал, Кавказ, Сибир халқларининг — дунёдаги барча халқларнинг маънавий уйғонишлари ҳақида ўзининг мангу режаларига эга.
Хушхабар хабари ўз вақтида Ленинграддаги Киров заводининг ёш ишчиси Маховицкий Фёдор Владимировичга ҳам етиб борди, а уни жуда катта — тўрт миллионлик шаҳарда Худо севгисининг хабарчиси қилди. Хушхабар даъвати Сибирда — мен 16 ёш бўлган пайтимда менинг ҳам юрагимга таъсир қилди.
Худога эътиқод қилганимиздан бошлаб Хушхабар тарғиботи — Масиҳнинг бу буюк топшириғи — биз учаламиз учун — (нафақат учаламиз, балки ер юзидаги миллионлаб тақводорлар учун) асосий вазифа ва ҳаётдаги энг муҳим мақсадга айланди.
Бизнинг эътиқодимиз, бизнинг умидларимиз, бизнинг ҳаёт ва ишонч—эътиқодларимиз ана шундадир!
ШЕЪРЛАР
Менинг сўқмоғим
Ҳаёт йўлини мен белгиламаганман,
У фақат Худо иродасининг аксидир!
Усиз мен ҳалок бўлардим, ҳалок бўлардим,
Худосизлик — бу фақат йўлсизликдир!
Менинг курашим — бу шахсий кураш эмас:
Ҳақиқат учун Худо урушлари олиб борилади!
Менинг тақдирим кунлари ғайриоддийдир —
Осмонда бўлиш шарафига мен лойиқ бўлганман.
Дўстлик ҳам — тасодифий учрашувлар натижаси эмас:
Дўстлар, бемаъни фикрлар учун эмас.
Балки халқларга курашлар, қатъий таҳдидлар орасида
“Худо” сўзини етказишдир.
Шунинг учун мен Масиҳ номи билан
Барча душман тўсиқларига олға бораман.
Менинг ибодатим, менинг орзуим
Самимий бўлиш ҳамда мўмин, жасур бўлишдир
Россия ва Масиҳ
Россия ва гуллар, Россия ва шеърлар —
Бир оз ғалати эшитилиши мумкинми?
Хатолар ва гуноҳларни, оғриқлар
Ва олдинги уятларни қандай унутиш мумкин?
Россия ва эзгулик, Россия ва Масиҳ:
Қайта тирилиш йўли, тавба қилиш кўз ёшлари
Ҳамда мурувват — орзу эмас,
Балки олий самовий вазифадир.
Россия, тубсиз жарга мангуга қулама.
Ўғилларинг, набираларинг ҳақида ўйла
Сен учун Масиҳнинг қони тўкилган,
Сен учун У даҳшатли азобларга чидаган.
Худосиз йўл йўқ, Худосиз ҳаёт йўқ —
Фақат аянчли ҳаёт бор, холос.
Масиҳ — Севги, ҳам Ҳақиқат, ҳам Ёруғликдир
Ҳамда мангуликнинг муқаддас асосидир.
Россия ва Масиҳ! Россия Масиҳ учун —
Менинг севгим, ибодатим ва жасоратим!
Бу учун кўплар қамоқхона нолалари
Ва Шимол нафаси бор жойлардан ўтдилар.
Россия, ватаним! Оҳ,Масиҳ севгисини,
Унинг сабр-тоқатини Қандай изоҳлай?!
Қайта тирил! Сен Худо билан
Мулоқотда яшашинг керак.
Украина — қувонч ва орзу
Мен ёмғирдан журъатсиз шовқинни оламан:
Менинг деразамга тундаги тақ-тақ.
Гулхан олдида — юксак хаёллар парвози
Кедр дарахти олдида эса озроқ жасорат.
Жилға олдида — хаёлчан қўшиқни,
Жазирама иссиқда сахийликни.
Қушларда эса — келаётган баҳорнинг хабари,
Совуқ қиш устидан тантаналарни.
Ўрмонлардан — сокин суҳбатни,
Кўллардан — хотиржамлик фазилатини,
Денгизлардан — нурли кенгликларни,
Ва албатта, мовий осмонни!
Буларнинг барини яратувчи совға қилди
Тонгнинг биринчи нурларини.
Ишонч ва қувонч ила кутганларга
Ва Худони завқла улуғлаганларга.
Мен энди ҳаётдан норози бўлмайман:
Ва Муқаддас Китоб оятлари билан дўстлашаман.
Осмондан эса тунда сеҳргарлар
Куйлаган юлдузчани ахтариб топаман.
Мен бир куни Байтлаҳмга келдим,
Ўзим билан яраланган юрагимни ҳам келтирдим.
Барча муаммоларим залворини
Масиҳга — Осмон чақалоғига юкладим.
Шунинг учун Украина халқини,
Қўшиқларини ардоқлайман, севаман.
Мангулик билан бирдам юраклар
Эътиқоднинг нурини завқ билан ушлайман.
Украина — қувонч ва орзу,
Ёрқин баҳорий гуллар!
Сен учун Масиҳ ёнида жой бор
Ва сенга У нажот ҳадя қилади.
Мен — сенинг ўғлингман, сенга бегона эмасман,
Худо иродаси марҳамати олдида
Украина самимий бош эгиши-чун
Менинг ҳаётим ибодатга ошно бўлди.
Йўлда
1.
Мен тун аро кетяпман... Туғилган элим,
“Москва — Смоленск”... Вагонлар тебранади,
Дераза ортида эса оппоқ отахон
Ва ўтмиш ингроқлари эшитилади.
Қиш... Қор... Чексиз ўрмонлар...
Дарахтлар совуқдан маъюс туришар...
Ҳалок бўлганларнинг аччиқ қисмати
Дераза ортида ғамгин кезарлар.
Даҳрийлик юрти... Катта шаҳарлар
Ва кичик унутилган қишлоқлар,
Унда йиллар сокин ўтади
Ва қутулиш ҳақиқати барчага номаълум.
Бу ерда “Худо” ва “жаннат” сўзлари устидан кулганлар
Зулмкорлар қарғалар галаси каби кўп эди.
Смоленск ўлкаси — ҳақиқий рус шаҳри —
Аммо бунда ҳақиқатга ошнолар жуда кам.
Экспресс поезд учиб боряпти.
У совуқ, бўронлар аро тун қоронғусига интилар.
Қалбда эса чуқур ғам:
Худойим, кечир, Россия ҳақида эсла!
2.
Тун бўйи вагон жанжаллашди, ингради
Ароқ ҳиди билан тўла эди у,
Мен ён томондаги ўриндиқда бедор кузатардим:
Ҳалок бўлган қалблар қайғуси, тақдири елкамни эзарди.
Бу сенсан, менинг азиз Россиям —
Менинг орзуларим, қувончим ва хизматим.
Мен ёшлигимданоқ сен ҳақингда ибодат қиламан
Ва Осмон билан ярашишингни кутаман.
Кранни тортиб поездни тўхтатинг!
Ақлсизлик тумани тарқаб келиши-чун
Ва ота-ватаним мозорда қолиб кетмаслиги учун —
Кайфи бор вагонни станцияда қолдиринг.
Аммо поезд зимистон аро учиб боради,
Поезд аҳли худди беҳушдай...
Оҳ, уларга хотиржамлик ва қутулиш ҳадя қилувчи
Масиҳ ҳақида қандай айтсам экан?!
Оҳ, менинг Россиям! Сен қаерга кетаяпсан?!
Рулда турган — Худойим қанчалар қадрлайди?
Даҳрийликда — зимистон ва саросима шоҳлиги,
Шунинг учун ҳам келажак ҳақида ташвиш бор, холос.
Россия — фақат қайинлар эмас
Россия — фақат қайинлар эмас,
Нафақат гуллар ва ёрқин тонглардир,
Россия — бу аччиқ кўз ёшлари
Ва жуда кўп қайғу-кулфатлар деганидир.
Россия, мен сенинг тақдиринг-ла,
Қаттиқ синов кунлари ошно бўлдим:
Мен ўшанда зулмат устидан ғалабангга
Ва Масиҳ азоб-уқубатлари кучига ишонардим.
Худо кенгликлари жуда гўзал:
Унда эзгулик ва озодликка ҳаракат бор!
Худо тонглари отаверсин —
Қалблар қайта тирилаверсин.
Аср касаллиги
Эшитяпман: “Раббий ўлди! Қайта тирилмади!
Биз ўзимиз учун қутқарувчилар ва худолармиз!
Бу ерда — ер юзасида бизнинг ақлимиз ва тараққиётимиз
Жаннатни ва самовий қасрларни қура олади”.
Ҳамма ёқда бир нарса: Ғарб ҳам, Шарқ ҳам
Бир касаллик билан оғриган,
Ҳамма ёқда одам ҳамма нарсани яратди, у
Худо деган бир хил қўшиқни куйлайди.
Одам шундай нигоҳини осмонга қадар,
Мўъминлик ва қутулиш йўлларини рад қилар,
Худо йўқ, эътиқод — бемаънилик, деб
Ғазабдан ақлини йўқотиб қичқирар.
Аммо, агар юрак эшигини очиб
У ердаги гуноҳ, ёлғон қатламларига назар ташланса,
Ҳаттоки уммон сувлари етишмасди
Виждонни, юракни ва ақлни улардан тозалаш-чун.
Фақат Раббийнинг давр бошида биз учун
Тўкилган муқаддас қони
Қутулиш ва эътиқод йўлини очди
Ва қалбларга ўлмас севги нурларин сочди.
Бизга Худо керак!
Турли жойлардан хатлар келади:
Днепрдан, Невадан, Печорадан ва Волгадан.
Уларда — қалб фарёди, узоқ тентирашлар армони
Ва қайта тирилиш хабари:
“Биз Масиҳсиз ёввойилашдик,
Худосиз излашлардан чарчадик!
Мана энди қалбларда бўшлиқ —
Ишончсизлик ва қайғу-ғам зулматида.
Биздан Худо нурини бекитишади,
Ёлғон совғаларни ҳадя қилишди;
Мана энди ёшимиз қайтганда
Атрофда фақат тутаётган шам қолдиқлари.
Биз эзгуликни, севгини ва шафқатни
Тушунишни буткул унутдик,
Кечирган ҳолда улуғ вазифага
Ишониш кучидан маҳрум бўлдик.
Бизга ёруғлик керак!
Бизга Худо керак!
Шубҳа ва ташвишлар туни
Онгимизни буткул тарк этиши-чун
Қалб йиғиси ва минг бора тавба керак.
“Нафрат” сўзи абадий ўлсин!
“Мурувват” эса қайта тирилсин!
Халқимиз ишонч, қувонч ва қўшиқлар
Учун қайта тирилсин!”
Йўллар чорраҳасида
Ҳаёт йўллари чорраҳасида,
Ўтмиш — фақат мағлубиятлардан иборат бўлганда,
Ҳозир эса туманга бурганганда,
Қалбинг битмас ташвишлар уммонига ғарқ бўлади.
Оҳ, менинг Россиям! Азиз Ватаним!
Мен Қутқарувчи олдида ибодатга тиз чўкаман.
Ва сен ҳақингда йиғлаб, сенинг даҳрийлигинг,
Кулфатинг ва айбларингни сўраб тўхтовсиз қайғураман.
Сен учун фақат ягона тўғри йўл бор,
Бутун олам аро бундан бошқа йўл йўқ:
Самимийлик ва мўминлик ила тавба қилиш
Ҳамда Масиҳ оёқларига бош уриб ибодат қилиш.
Менинг севгим кўпларга ёқмайди.
Аммо мен сенинг ярадор қалбингни севаман
Тўхта! Диққат билан қулоқ сол:
Ва сен учун Муқаддас Қон тўкилди!
Ҳаёт йўллари чорраҳасида
Оҳ, Менинг Россиям, бу кун хато қилма!
Қайта тикланиш йўли — Худо севгиси
Сени Илоҳий қасрга киришга чорламоқда.
Ёлғон ҳаётда яшамаслик
Болалик чегараларини ёриб ўтиб
Биз ҳаётга ишонч ва жасорат-ла кирганимизда
Ҳаётни ёлғондан бошламаслик
Эътиқодни ва эзгу ишни танлаш қанчалар муҳим!
Эзгулик ва ҳақиқатни афзал билиш
Ёвузлик, ҳийла ва фитналарни инкор қилиб
Масиҳ оёқлари остига гуноҳ занжирларини қўйиб,
Худо марҳамати абадий нур таратсин.
Худо энг ишончли дўстларни юборгай,
Синовларда титрамаслик учун куч ҳам беради.
Ибодат қидирувчи теранлигини ҳам,
Барча бойликлардан қимматроқ севги мадҳиясини ҳам У ато қилади
Хизмат ҳақида сокин суҳбатлар
Хизмат ҳақида сокин суҳбатлар,
Юракнинг ёвузликка алоқасиз эканлиги;
Ва менинг чарчоқ пешонамга
Масиҳ қўлларининг ором бериши.
Қутқарувчининг диққат-эътибори,
Меҳрли ғамхўрлиги ва севгиси,
Шафқатнинг теранлиги ва сахийлиги
Ва мулоқотга яна ва яна даъвати.
Мўъминлик ва беозорликни қандай ўзлаштириш мумкин?
Улардан меҳнат асосини топиш;
Тор йўллар ғалабаси ҳақидаги
Олий фикрларга эришиш.
Бизни кўпинча таъқиб қиладиган
Оловли туҳматлардан қўрқмаслик,
Муваффақият дақиқаларида ғурурланмаслик,
Ҳаётнинг аччиқ синовларида ўзни йўқотмаслик
Пойтахтлар шовқини ва қишлоқлар ғовури
Бир оз тинчиганда,
Яна қалбим завқ билан Масиҳ томонга
Ибодат паноҳига учиб кетади.
Муқаддас бўлиш — бу севги
Муқаддас бўлиш — бу севги,
Раҳмдиллик ва бошқаларга шафқат.
Аммо қошлар кўтарилганда
Ва қалбда ҳақорат тўлқинланганда.
Ўз ишингни муқаддас деб атама,
Агар фақат бошқаларни фош қилсанг,
Бу фақат художўйлик тутунидир
Сен ўз гуноҳингни Худодан бекитганингда.
Ҳасад, худди суяклардаги йиринг каби жўш урганда
Дўстлик нури сўниб қолади.
Қалб эса ишончсизлик занжирларига
Худди нам зиндонга тушгандай тушади.
Муқаддас бўлиш — ҳар бир фикрнинг, истакнинг
Масиҳ сари эътиқод парвозидир!
Мурувватнинг фидокорона меваси,
Ҳамда шафқатнинг халос бўлган оғриқларидир.
Муқаддас бўлиш — қувонч нуридир,
Бу қалб мўъминлиги ва итоат,
Бу буюк руҳий жанглар пайтида
Булутлар зулматидаги матонатидир.
Муқаддас Китоб шоирлари
Муқаддас Китоб шоирлари! Сиз ўлмас саҳифаларни
Жангларда ва ғамларда тўлдирдингиз.
Бизнинг кунларимизда ҳам нутқ санолари
Халқларда ва асрлар аро тўхтатмасдан қуйилиб келмоқда.
Шоҳлар ва чўпонлар — қувғинга учраган пайғамбарлар —
Саҳроларда ва тоғларда ҳамда сокин сув бўйларида:
Худодан халқ юз ўгирганда,
Сиз доимо ёлғиз кезардингиз!
Сизнинг қалбларингизни рақиблар ахтарганлар,
Исмингиз эса калака бўлган;
Узоқ, яқинлар, ҳамма-ҳамма ҳақида
Юрак торлари аянчли нола қилганлар.
Муқаддас Китоб шоирлари! Сиз эътиқодни тасдиқлагансиз.
Худо сиз учун қалқон ҳамда қўрғон бўлган,
Ва сизнинг қайғули мисраларингиз
Кўпинча тўсатдан қувонч ила ёришган.
Мана нима сабабдан бизнинг авлодимиз ҳам
Забурлар ўқиб Худо раҳмдиллиги, абадий қутулиш учун,
Денгизлар мовийлигию, юлдузларнинг ажойиб жўрлиги учун
Унинг кучини шарафлайдилар.
Далалар, ўрмонлар ва қудратли тоғлар оралаб
Оқадиган Худо дарёларининг кучли оқимлари учун,
Қайта тирилишнинг шодиёна тонглари учун,
Эътиқод уфқлари-ю кенглари учун.
Қайта тирилиш тонглари
Жилғалар югуриб оқмоқда, ўрмонда қушлар чуғурлашадилар,
Турналар қанотида баҳор шошилиб келаётир,
Кўм-кўк осмондан эса қизғин қуёш нурлари оқими
Меҳр ила оқиб келмоқда.
Ишончсизлик ва зулматнинг қиш уйқусидан
Уйғониш тимсоли бўлмиш баҳорни севаман,
Турма зулматини тарк этаётган тутқун ёруғликка
Худди шундай интилгани каби.
Мен кўпинча Масиҳ ҳақида, Гўлгўта
Азоб-уқубатларининг машаққати ҳақида хаёл сураман.
У ерда қип-яланғоч ва бутунлай қон ичида
У гуноҳкор мавжудот учун ўларди.
Оҳ, айёр ёвуз душман
Муқаддас Ҳақиқатни ўлим билан янчиб ташлашни қандай хоҳларди!
Гуноҳ ва қабиҳликларни чексиз кўпайтириб
Оламни зулматга ботиришни у истарди.
Аммо Худо қайта тирилди!
Баҳор айёмида дарёлар қувонадилар, ўрмон тантана қилади,
Олам узра Ғалаба ҳайқириғи кезмоқда:
Масиҳ қайта тирилди! У чиндан ҳам қайта тирилди!
Оҳ, Менинг Россиям! Қайта тирилишга пешвоз чиқиб
Эрта тонгда қўшиқ ила тур!
Фақат Масиҳда сенинг қалбинг қутилади,
Фақат У — сенинг йўлинг, ҳам ҳақиқатинг, ҳам ҳаётинг!
“Тутқуннинг ўйлари”
Сен ёшликданоқ ҳақиқат учун курашдинг
Эзгулик ва мангу қутулиш куйчиси.
Мана энди сенинг хизматларинг марраси:
Тайга ўлкаси ва қуршалган ҳудуд.
Тор-танқис жўнатиш камералари, этаплар
Бетон пол энди шоирнинг ўрни.
Ҳаво ўрнига — диққинафас қўланса ҳид
Камера деворлари — сен учун бутун олам.
Сен эзгулик ва бахтни тасдиқладинг,
Ишончсизлик ўғилларини ёруғликка чорладинг.
Сен мангу барҳаёт мақсадни тарғиб қилдинг
Ва қабиҳликлар ҳамда фитнани фош қилдинг.
Хўш, энди нима?! Орзулар тарқалиб кетдими?
Ёшлик умидлари ва эзгу тилаклар-чи?
Соқчи итлар — гуллар эмас,
Қаттиқ совуқлар ҳам шеърият эмас...
Аммо севги ва эътиқод ҳақидаги қўшиқ
Бўронлар увлаши орасидан илгаригидек қалбимда янграмоқда
Ички бир овоз сўзлайди: “Буюк мақсад
Сари садоқат сўқмоғидан мардона бор!”
Эзгулик ва ҳақиқат ёвузликни енгади!
Қайта тирилиш нури олдида зулмат чекинади!
Зиндонлар барбод бўлади! уларнинг пўлат кийимларини
Барчага кўз-кўз қилиш учун музейга беришади.
83-сано
Сенинг масканларинг қанчалар зориқиб кутилган,
Худо кучлари, Худо кучлари!
Менинг ибодатларим, менинг бор кучим
Сенга қаратилган, Худойим!
У ерда, чўққида, менинг юрагим —
Хаёллар, истаклар парвози!
У ерда қушча ўзига маскан топади
Ва қалдирғоч ўзи учун ин қуради.
Оҳ, Худойим, қалбим сенга интилиб қандай чарчади —
Сенга, Сенинг меҳробларингга,
На қамоқхоналар, на ташвишлар
Бўлмаган Сенинг ўлкаларингда!
Мен сени севаман, Масиҳ биродарлиги!
Мен сени севаман, Масиҳ биродарлиги!
Сенинг эътиқодингнинг кучли парвози,
Токи асрлар аро ўлмайдиган
Эзгу хабарнинг ишончли сўзи!
Сен Масиҳдан ҳам жазирамада
Ҳам совуқларда умид қилишни ўрганишга тайёрсан,
Ва ёвузлик билан сира ошно бўлмасликни
Тор сўқмоқла фақат юришни.
Кавказда, Украина чўлларида
Москва яқинида, Урал тоғларида
Сибир текисликлари кенгликларида
Сенинг эътиқодинг ғамларда мустаҳкамланди.
Мен сенинг бир қисминг бўлишдан хурсандман,
Бирга қувонч ва қайғу-ғамни бўлишаман.
Сен ҳақингда доимо ибодат қиламан.
Масиҳ билан тезроқ учрашишни кутаман!
Болаларим, менинг болаларим! Яна айрилиқ йиллари...
Болаларим, менинг болаларим! Яна айрилиқ йиллари...
Турма деворлари орқали кўзларингизни кўраман.
Сизнинг меҳрли чеҳрангиз ва нафис қўлларингизни —
Ва киприкларимда ёш ялтирайди.
Қисқа учрашув дақиқаларида сизга қандай таскин берай
Ёки сизга етти ёшимдан отамдан жудо бўлганимни айтиб берайми?
Қалбимни пораловчи йиғини босиб,
Кейин йиллар узра суратига термулганимними?
Синовлар ва зулмлар ичра чексиз ўлкамни
Бутун қалбим-ла севгимни айтиб берайми?
Қутб ёғдуларининг камалак ранг иплариними,
Ва она Украинамнинг хаёлчан ўрмонлариними?
Болаларим, азиз болаларим! Сизга шуни васият қиламан!
Эътиқод, ҳақиқат, севги — мана турмуш мазмуни!
Ҳаётда Масиҳ билан ўтишни жуда истайман
Кейин эса — осмон, мовий ўлкалар!
Муаллиф ҳақида
Г.П. Винс 1928 йилнинг 4 августида — Амурдаги Благовещенскда америкалик миссионер Пётр Винс оиласида туғилди. 1937 йилда Георгийнинг отаси эътиқодий фаолияти учун қамоққа олинди ва отишга ҳукм қилинади. Ўттиз йилдан кейин эса оқланади. Георгийнинг онаси Лидия Винс, ўғлига отаси жонини фидо қилган маънавий қадриятларни сингдира олди. 16 ёшли Георгий ўсмирлигиданоқ ўз ҳаётини Худога хизмат қилишга бағишлади.
1946 йилда Лидия ўғли билан узоқ Шарқдан Киевга кўчиб келади ва Георгий политехника институтига ўқишга киради. Кейин уйланади, масиҳий-баптистларнинг Хушхабар жамоати ҳаётида фаол иштирок қила бошлайди. Хушхабарнинг тарғиботчиси бўлган Георгий худди отаси каби, даҳрийлар давлати томонидан қувғинларга дуч келади: 1966 йилда у қамоққа олинади, 3 йилга лагерга ҳукм қилинади ва лагер муддатини ўташ учун Шимолий Уралга жўнатилади. Озодликка чиққандан сўнг Георгий яна жамоат ҳаётида фаол иштирок қила бошлайди ва 1975 йилда яна 10 йилга ҳукм қилинади. 1979 йили АҚШ президенти Картернинг расмий илтимосига асосан, Георгий Винс Қўшма Штатларга сургун қилинади.
У озодликка чиқиб масиҳийлик миссиясига асос солади. Миссиянинг мақсади — таҳқирланган жамоатга, айниқса, Совет Иттифоқида ўз эътиқодий ғоялари учун зулм ўтказилган виждон бандиларига кўмак ва ёрдам бериш эди. Бундан ташқари, у асос солган миссия масиҳийлик китобларини рус тилига таржима қилиш, шунингдек, Совет Иттифоқига Муқаддас Китобни ва бошқа руҳий адабиётларни етказиб бериш билан шуғулланарди.
Совет Иттифоқида қайта қуриш ва вазиятнинг ўзгариши натижасида 1990 йил 5 августида М. Горбачёв Георгий Винсни Совет фуқаролигидан маҳрум қилиш ва СССР худудидан чиқариб юбориш ҳақидаги Олий Совет 1979 йили қабул қилган қарорни бекор қилувчи Фармон чиқаради. 1990 йилнинг ноябрида у ватанига қайтиб келди ва яна Хушхабарни тарғиб қила бошлади. Энди у озод эди.
1997 йилнинг сентябрида Г. Петрович АҚШнинг Тинч океан қирғоқларидаги жамоатларига қилган ташрифидан сўнг уйига қайтиб келди. Врачлар унда мия ўсмаси борлигини аниқлашди. У 1998 йилнинг 11 январида ер юзидаги ўз хизматини тугатиб ҳаётдан кўз юмди.
Г. Винс “Эътиқод уфқлари”, “Кишанлардаги Хушхабар”, “Садоқат сўқмоғидан” китобларининг, шунингдек, “Шеърият дафтаридан”, “Ёлғонларга асосланиб яшамаслик”, “Бизга Худо керак” шеърий тўпламларининг муаллифидир.
Еслатмалар
1
Этап — конвой билан олиб бориладиган маҳбуслар тўдаси.