Франсин Риверс МАРҲАМАТ МУҚАДДИМА Ҳурматли китобхон! Қўлингизда Исо Масиҳ шажарасига киритилган аёллар ҳақида ёзилган романлар рукни турибди. Булар қадимги даврларда яшаган шарқ аёллари бўлишига қарамай, уларнинг ҳаёти бизнинг ҳаётимизга мос, биз дуч келаётган қийин масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради. Улар худди пичоқ тиғида юргандай яшаган эдилар. Уларнинг ҳаёти кўпинча хавф остида қолган эди. Улар ҳаммани ҳайратлантирган. Улар жасорат кўрсатган, айрим ҳолларда катта хатоларга ҳам йўл қўйган. Бу аёллар баркамол бўлмаган, аммо Худо ўзининг беқиёс марҳамати билан Масиҳнинг — олам Қутқарувчисининг туғилиши ҳақидаги мукаммал нияти йўлида уларни марҳаматлаган. Биз — миллионлаб одамлар, ҳозир йўлларини ҳаётда топишга ҳаракат қилаётган ташвишли, оғир кунларда яшаяпмиз. Бу аёллар бизга тўғри йўлни кўрсатмоқдалар. Уларнинг ҳаётидан олиш мумкин бўлган сабоқлар минг йил илгари бебаҳо бўлганидек, ҳозир ҳам бебаҳодир. Тамара — умид аёли. Раҳоба — ишонч аёли. Рут — севги аёли. Бурсабо — худонинг марҳаматини қозонган аёл. Марям — итоатли аёл. Бу аёллар қачонлардир Шарқ мамлакатларида яшаган тарихий шахслардир. Уларнинг тарихини мен Муқаддас Китобдаги далилларга асосланган ҳолда ҳикоя қилдим. Уларнинг айрим ҳаракатлари бизга ғайри табиий туюлиши мумкин. Лекин биз уларга ўзлари яшаган давр нуқтаи назари билан қарашимиз керак. Бу китоб тарихий роман жанрида ёзилган. Романнинг асосий ғоясини Муқаддас Китобдан ўзлаштирганман, аммо мен бу Китоб берадиган далиллардан сал узоқлашдим. Шу асосда мен сюжет, диалоглар, айрим ҳолларда эса ўзимча Муқаддас Китоб ҳикояларига тўла мос келувчи қўшимча характерларни яратдим. Мен Муқаддас Ёзувдан узоқлашмаган ҳолда, романни тушуниш қулай бўлиши учун ҳаракат қилдим. Ҳар бир романнинг хотимасида қисқача ўқув бўлимларини жойлаштирдим. Муқаддас Китобдаги қаҳрамонларнинг ҳаётига алоқадор масалаларда юқори эътибор Муқаддас Китобнинг ўзидадир. Мен сизларга шу қисмни чуқурроқ тушунишингиз учун яхшилаб ўзлаштириб олинг, деб тавсия қиламан. Муқаддас Китобни ўқиётганингизда, унинг яхлитлигини, Худонинг мақсади мантиқан тўғрилигини, Унинг мақсадининг бир қисми сиз эканлигингизни тўғри англашингиз учун ибодат қиламан. ХУДО МАРҲАМАТИНИНГ ШАЖАРАСИ Иброҳим ўғли, Довуд ўғли Исо Масиҳнинг насабномаси. Иброҳимдан Исҳоқ туғилди; Исҳоқдан Ёқуб туғилди; Ёқубдан Яҳудо ва унинг ака-укалари туғилдилар; Яҳудо ва Тамарадан Парас ҳамда Зараҳ туғилдилар; Парасдан Ҳасрўн туғилди; Ҳасрўндан Арам туғилди; Арамдан Амминадаб туғилди; Амминадабдан Наҳшўн туғилди; Наҳшўндан Салмўн туғилди; Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди; Бўаз ва Руфдан Обид туғилди; Обиддан Ишай туғилди; Ишайдан подшоҳ Довуд туғилди; Подшоҳ Довуд ва Уриёнинг собиқ хотини Бурсабодан Сулаймон туғилди; Сулаймондан Раҳабаъм туғилди; Раҳабаъмдан Абиё туғилди; Абиёдан Осо туғилди; Осодан Йўшафат туғилди; Йўшафатдан Йўрам туғилди; Йўрамдан Уззиё туғилди; Уззиёдан Йўтам туғилди; Йўтамдан Аҳаз туғилди; Аҳаздан Ҳизқиё туғилди; Ҳизқиёдан Манаше туғилди; Манашедан Амўн туғилди; Амўндан Йўшиё туғилди; Йўшиёдан Йўаким туғилди; Йўакимдан Бобилга сургун бўлиш даврида Якўниё билан ака-укалари туғилдилар; Бобилдаги сургунлик давридан кейин Якўниёдан Шаалтиэл туғилди; Шаалтиэлдан Зарубобил туғилди; Зарубобилдан Абиҳуд туғилди; Абиҳуддан Элёқим туғилди; Элёқимдан Азўр туғилди; Азўрдан Садўқ туғилди; Садўқдан Ахим туғилди; Ахимдан Элиҳуд туғилди; Элиҳуддан Илъазар туғилди; Илъазардан Маттан туғилди; Маттандан Ёқуб туғилди; Ёқубдан Марямнинг эри Юсуф туғилди; Марямдан эса Масиҳ деб аталган Исо туғилди. (Матто 1:1–16) ТАМАРА Ёпинчиқсиз Ҳаракатнинг вақти ва жойи Ибтидо китоби (37:1–38:6) «Ёқуб отаси (Исҳоқ) дарбадар ҳаёт кечирган Канъон юртида яшарди. Мана Ёқубнинг ҳаёт тарзи. Ўн етти ёшли Юсуф отасининг хотинлари Билхах ва Зилпонинг ўғиллари — ўсмир ака-укалари билан бир-га отасининг сигирларини боқарди. Юсуф отаси Исроилга ака-укалари ҳақида бўлмағур гапларни етказарди. Исроил Юсуфни бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрарди. Чунки у кексайган чоғида кўрган ўғли эди. Исроил Юсуфга ранг-баранг матодан кўйлак тикиб берди. Акалари билдики, отаси Юсуфни ҳаммаларидан кўра кўпроқ яхши кўрар экан. Шунинг учун ака-укалар Юсуфни ёмон кўриб қолдилар, у билан самимий гаплашмай қўйдилар. Юсуф туш кўрди, тушини акаларига сўзлаб берди. Шундан кейин улар Юсуфни баттар ёмон кўриб қолишди. У акаларига шундай деди: «Мен кўрган тушни эшитинглар: биз даланинг ўртасида боғламлар боғлаётган эканмиз. Бир пайт менинг боғламим тик турибди, сизларнинг боғламларингиз эса менинг боғламим атрофида туриб, таъзим қилишди». Акалари Юсуфга: «Наҳотки сен бизнинг устимиздан ҳукмронлик қиласан?» деб таъна қилдилар. Уни кўрган туши ва айтган гаплари учун баттар кўргани кўзлари йўқ эди. У яна бир туш кўрди, тушини отасига ва акаларига айтиб берди: «Мен яна бир туш кўрдим: тушимда қуёш, ой ва ўн бир юлдуз менга таъзим қилишаётган экан». У отасига ва акаларига тушини айтиб берганда, отаси уни койиди: «Бу тушинг қандай туш бўлди-я? Наҳотки, мен, онанг ва акаларинг сенга таъзим қиламиз?» Акалари ҳам Юсуфни ўша гаплари учун хафа қилишарди. Отаси бу аҳволни билиб қолди. Бир куни акалари сигирларни ўтлатгани Сихемга кетишди. Исроил Юсуфга: — Акаларинг молларни боққани Сихемга кетган, шекилли, сен улардан хабар олиб кел, — деди. Юсуф отасига «хўп» деди. Исроил Юсуфга: — Бориб, акаларинг, сигирлар соғ-омонлигини кўриб жавобини келтир. Исроил Юсуфни Хеврон водийсидан Шакамга жўнатди. Юсуф Шакамга етиб келди. У далада адашиб юрган эди, бир одам ундан: «Нимани қидиряпсан?» деб сўради. Юсуф: — Акаларимни қидириб юрибман, улар молларини қаерда ўтлатишяпти экан, билмайсизми? — деди. — Улар бу ердан кетишган, уларнинг «Кетдик Датанга» деб айтган гапларини эшитдим. Юсуф акаларини қидириб кетди, ниҳоят, уларни Датандан топди. Акалари уни узоқдан кўрдию Юсуф етиб келмасдан олдин уни ўлдириш режасини туздилар. Ака-укалар бир-бирларига айтишди: «Ана, туш кўрувчи келяпти. Юринглар, уни ўлдириб бирор қудуққа ташлаймиз. Отамизга, йиртқич ҳайвон еб кетди, деб айтамиз. Кўрамиз, кўрган тушлари нима бўлар экан». Бу гапни Рувим эшитиб: — Уни ўлдирманглар! — деди. — Қон тўкманглар, чўлдаги чуқурга ташланглар, лекин ўлдирманглар. Рувим Юсуфни уларнинг қўлидан озод қилиб, отасининг ёнига қайтариш учун шу гапни айтди. Юсуф акаларининг ёнига келганида, ака-укалар унинг эгнидаги беқасам кийимини ечиб олиб, ўзини қудуққа ташлашди. Қудуқ бўш, ичида сув йўқ эди. Улар тамадди қилгани ўтиришди. Шу пайт атрофга қараб Гилад томондан келаётган исмоилийлар карвонини кўриб қолишди. Улар туяларда Мисрга хушбўй зираворлар, мўмиё, мирра юклаб, Мисрга олиб кетишаётган эди. Яҳудо укаларига деди: — Укамизни ўлдириб, унинг қонини яширишдан нима фойда топардик?! Келинглар, исмоилийларга сотамиз. Ўлдирмайлик, нима бўлганда ҳам, у бизнинг укамиз. Қонимиз бир. Ака-укалар Яҳудонинг гапини маъқул деб билдилар. Мидиёнлик савдогарлар ўтиб кетишаётганларида, акалари Юсуфни қудуқдан чиқариб олдилар, 20 кумуш тангага исмоилийларга сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетишди. Рувим қудуқ олдига келди. Қудуқда Юсуф йўқ эди. Рувим кийимларини йиртиб, ака-укаларининг олдига қайтиб келди: — Бола йўқ-ку! Оҳ, энди қаерга бораман, нима қиламан-а? Ака-укалар бир эчкини сўйиб, Юсуфнинг кийимини эчкининг қонига бўяшди. Улар кийимни олиб оталарининг олдига боришди. — Биз мана бу кийимларни топиб олдик. Қаранг-чи, ўғлингизнинг кийимими ёки уники эмасми? Ёқуб Юсуфнинг кийимини таниди: — Бу ўғлимнинг кийими! Уни бирон йиртқич ҳайвон еган! Э воҳ, Юсуф нобуд бўлибди! Ёқуб кийимларини йиртиб, абгор кийимини белига ўраб, бир неча кун ўғли учун аза тутди. Унга тасалли бергани ҳамма ўғиллари, қизлари йиғилишди. Лекин тасалли Ёқубга кор қилмади: — Дўзахга ўғлим билан учрашгани бораман. Ота шундай деб ўғли учун аза тутди. Мидиёнликлар Юсуфни Миср фиръавнининг саройи қўриқчилари бошлиғи Пўтифарга сотишди. Шу орада Яҳудо ака-укаларидан ажралиб, алоҳида бўлди ва Адуллам шаҳрига кўчиб келди. У Хирах деган одамга яқин жойга ўрнашди. Хирах ўша ерлик эди. У ерда Яҳудо Шуа деган қизни учратиб қолди. Қиз Канъон халкидан эди. Яҳудо ўша қизга уйланди. Қиз ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Ўғлига Ғур деб исм қўйди. Яна ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. Бунисига Ўнан деб исм қўйди. Учинчи марта ҳам ҳомиладор бўлиб, яна ўғил туғди. Бу ўғлига Шело деб исм қўйди. Бу ўғли туғилганида, Яҳудо Хазиб шаҳрида эди. Тўнғич ўғли Ғур улғайгандан кейин, Яҳудо уни Тамара деган қизга уйлантирди. Биринчи боб Яҳудо қопларни, чиройли гиламларни эшагига ортиб кетаётган эди. Тамара Яҳудони кўрдию кетмонини кўтариб, даланинг нариги томонига қараб югурди. Тамара қўрқув ичида: «Қанийди, Яҳудо мени сезмай ўтиб кетса», деб у томонга орқасини ўгириб ишга тушди. Яҳудо ўғлига бошқа қизни топмоқчи бўлиб юрарди. Энагаси чақирганда ҳам, Тамара уни эшитмагандек, ғайрат билан ер чопаверди. Кўз ёшлари гўё уни кўр қилиб қўйган эди. — Тамара! — деди ҳарсиллаб унинг олдига етиб келган Акса. — Наҳотки Яҳудони кўрмадинг-а? Ҳозироқ мен билан уйга юр. Онанг ҳозир сени олиб кеггани акаларингни жўнатмоқчи эди. Уларга эса сенинг имиллашинг ёқмайди. — Тамара афтини буриштирган эди, юзлари қийшайиб кетди. — Менга ундай қарама, болам. Бу менинг хоҳишим эмас. Сен Мисрга бориб савдо қиладиган ўша уч исмоилий савдогарлардан бирига турмушга чиқишга розимисан? — Сен Яҳудонинг ўғли ҳақидаги гапларни худди мен эшитгандай эшитгансан-ку. — Ҳа, эшитганман, — деди Акса ва Тамаранинг қўлидан ушлади. Тамара истар-истамас қўлидаги кетмонни ташлади. — Балки у сен ўйлаётгандай ёмонмасдир. Лекин Тамара энагасининг кўзларида қўрқинчли иккиланишни укди. Тамаранинг онаси уларга пешвоз чиқиб, қизининг қўлидан ушлади. — Агар вақтим бўлганда эди, қочиб кетганинг учун сени таъзирингни берардим-а! Она Тамарани уйда ўтирган аёллар томонга судраб кирди. Остонадан кирган заҳотиёқ Тамара сингилларининг қўлига тушди. Сингиллари Тамаранинг эгнидаги кийимларини тортқилашди. Сингилларидан бири бошидаги чойшаб билан бирга сочини тортиб юборди. Оғриқдан Тамаранинг нафаси қисилди. — Бас! У сингилларини итармоқчи бўлиб, қўлларини кўтарди, лекин ора-га онаси аралашди: — Жим тур, Тамара! Акса сени қидириб топунча, анча вақт кетди. Энди шошилишимиз керак. Қизлар бирдан тўлқинланиб, сабрсизлик билан бир-бирига навбат бермай гапира кетишди. — Ойижон, менга мана шу кўйлагимда боришга рухсат беринг. — Дала кийимингдами? Йўқ! Сени Яҳудога жуда чиройли қилиб кўрсатамиз. Яҳудо совғалар келтирибди. Тамара, кўз ёшларингни тўкиб, бизни шарманда қилмагин. Тамара титраб кўз ёшларини ичига ютди, ўзини қўлга олди. Онаси ва сингилларининг гапларига кўнишдан бошқа иложи йўқ эди. Улар Тамарани иброний Яҳудога кўрсатгани энг чиройли кийимларини ва хушбўй атирларни тайёрлаб қўйишди. Яҳудонинг учта ўғли бор. Агар Тамара Яҳудога ёқса, Яҳудонинг тўнғич ўғли Ғур Тамаранинг эри бўлади. Яҳудо билан ўғиллари сигирларини охирги йиғим-терим йиғиштириб олингандан кейин далага ўтлатгани олиб келганларида, Тамаранинг отаси уларга яқин жойларда ишлашга буйруқ берди. Тамара отасининг мақсадини тушунган эди. Мана, ота ниятига этди. — Ойижон, илтимос, менга бир-икки йил вақт беринглар. Мен ҳозир оила қуришга тайёр эмасман. — Қачон тайёр бўлишингни отанг ҳал қилади, — онаси Тамаранинг кўзларига қараб, унга заррача ачинмас эди. — Сен отангнинг тўғри қарорига ишонмасдан, ундан гумон қилишингга ҳаққинг йўқ. Тамаранинг сингиллари чуғурчуққа ўхшаб чириллашар эди. Тамара уларнинг дастидан дод деб юборай деди. Онаси қўлларини бир-бирига уриб деди: — Бас қилинглар! Менга ёрдам беринглар, Тамарани тайёрлай! Тамара тишларини қаттиқ қисиб, кўзларини юмди. Тақдирга тан бериш шарт. Тамом!. Бир кун келиб турмушга чиқишини Тамаранинг ўзи ҳам биларди. Турмуш ўртоғини отаси танлашини ҳам биларди. Унинг биргина юпанчи 9 ойлик унаштириш маросими эди. Ҳар ҳолда кўз олдига келтираётган ҳаётига ақлини, қалбини тайёрлашга вақти бўлади. Акса Тамаранинг елкаларидан ушлади. — Тинчлан, хотиржам бўлишга ҳаракат қил, — дея у Тамаранинг сочларини ёйиб, тароқ билан учигача таради. — Жонгинам, яхши нарсалар ҳақида ўйла. Тамара ўзини худди отаси сотувга тайёрлаётган жонивордай сезарди. Э воҳ, ахир, аслида шундай-ку! Нафрат ва умидсизлик унинг юрагини тўлдирди. Нега ҳаёт унга нисбатан шу қадар шафқатсиз, адолатсиз? — Патила, хушбўй моддадан олиб, Тамаранинг баданига сурт. Ундан далада ишлаётган қуллардан келадиган ҳид келмасин. — Ундан эчки, қўйларнинг ҳиди келиб турса яхши бўларди, — деди Акса. — Ибронийга бу ёқади. Қизлар кулиб юборишди. Онаси эса бақириб берди: — Акса, сенинг гапларингдан кимга фойда?! Бўлди, ҳаммаларинг жим бўлинглар! Тамара онасининг этагидан тутди. — Илтимос, ойижон. Менинг номимдан отамга бир оғиз сўз айтсангиз бўлади-ку! Ўша йигит… ўлгудай жаҳлдор! — Қиз кўзларига келган ёшни тўхтатолмади. — Ғурга турмушга чиқишни хоҳламайман! Онасининг лаблари титраб кетди, лекин у қароридан қайтмоқчи эмас эди. У этагини Тамаранинг қўлларидан қийинчилик билан ажратиб олди,Тамаранинг қўлларидан маҳкам ушлаб деди: — Тамара, отангнинг қарорини ўзгартира олмаслигимни ўзинг яхши биласан. Мен бу никоҳга қарши бирор гап айтганим билан ҳеч нарса ўзгармайди. Фақат оиламизга шармандаликни олиб келишим мумкин, холос. Қолаверса, Яҳудо аллақачон шу ерда. Тамара ҳўнграб йиғлаб юборди. Вужудини қўрқув қамраб олди. Онаси уни энгагидан тутиб бошини кўтарди. — Мен сени шу кунга тайёрлаган эдим. Агар Ғурга турмушга чиқмасанг, сенинг бизга керагинг бўлмай қолади. Нима учун бундай қилаётганимизни тушун — ота хонадонинг тинчлиги учун қиляпмиз. Сен Зимран билан Яҳудо ўртасида кўприк қурасан. Биз эса тинч яшаймиз. — Ойижон, ахир, улар бизга қараганда кўпчилик! — Муҳими бу эмас. Сен энди ёш бола эмассан. Сенинг ўзига хос ироданг бор. — Отамдан ҳам иродалиманми? Онаси Тамарадан шундай нафратландики, кўз олди қоронғулашиб кетди, қизидан кўзларини олиб қочди. Она бирдан Тамарани ўзидан нари итарди. — Сенга қандай буюрилган бўлса, шундай қиласан. Йўқса ўзбошимчалигинг учун жавоб берасан. Тамара жим бўлиб қолди, у енгилган эди. Нима қилган бўлсалар қилдилар, Тамарани фақат камситдилар, холос. Сингилларининг гаплашаётганларини кўриб, жим бўлинглар, деб бақирмоқчи бўлди. Ахир, опаларининг бахтсизлигига улар қандай қилиб қувона оладилар?! Ғур чиройли бўлганидан нима фойда?! Наҳотки, сингиллари Ғурнинг заҳарлигини эшитишмаган бўлишса?! Наҳотки, улар Ғурнинг манманлигини билишмаса?! Айтишларича, Ғур қаерга борса, унга фалокат илашиб юрар экан. — Акса, қовоғига кўпроқ бўёқ ишлат. Шунда у каттароқ кўринади. Тамара юрагининг исёнини боса олмас эди. Кафтлари намланди. Агар юз бераётган воқеалар худди отаси хоҳлаётгандек бўлса, унда унинг тақдири бугун ҳал бўлади. «Буларнинг ҳаммаси ота хонадоним учун бўляпти, — деди Тамара ўзига-ўзи, — фақат шу учун». Унинг юраги сиқилди, кўз ёшлари томоғига тиқилди. — Тўхта, Тамара, — деди онаси. — Кел, сенга бир қарай. Тамара онасига итоат этди. Онаси оғир хўрсиниб, қизининг қизил кўйлаги бурмасини тортди, қайтадан Тамарага оро берди. — Акса, биз Тамаранинг қоматидаги етишмовчиликларни беркитишимиз керак. Бўлмаса, Зимранга Яҳудо, қизим ҳомиладор бўлиш учун вояга етиб қолган, деб тушунтириши қийин бўлади. — Бекам, мен Тамаранинг тунги кўйлагини кўрсатай. — Яхши. Ҳар эҳтимолга қарши тайёрлаб қўй. Керак бўлиб қолиши мумкин. Тамаранинг уятдан юзи қизариб кетди. Наҳотки, сир тутилган нарсалар йўқ? Наҳотки, ҳамма нарсани муҳокама қилиш мумкин? Ҳаттоки дилдаги ҳаётининг индаллосини ҳам. У биринчи марта қон кўрганда, вояга етгани аён бўлди. Отаси энди суҳбат чоғида қизига, рози бўласан, деб буйруқ берганда, шуни ҳам ишлатса керак. Тамара — сотиш учун мол, икки уруғ-аймоқни бирлаштириш учун восита, тинчлик учун қурбонлик эди. Тамара, ҳали бир-икки йил менга эътибор бермайдилар, деб ўйлаган эди. Ўн тўрт ёш — эркак кишини жалб қилиш учун жуда кичик ёш. «Буларнинг ҳаммаси ота хонадонимнинг тинчлиги учун бўляпти», — деди Тамара яна ўзига-ўзи. Ҳатто миясида бошқа фикрлар бўлганда ҳам, қўрқув бутун вужудини қамраб олганда ҳам, у такрор-такрор бу сўзларни қайтарган бўларди, ўзини ўзи бунга ишонтирган бўларди: «Буларнинг ҳаммаси ота хонадонимнинг тинчлиги учун бўляпти». Балки мана бу воқеаларни эшитмаганда эди… Эсини таниганидан бери, Яҳудодан ва унинг халқидан отаси қўрқади. Ибронийлар Худоси Садўм ва Ғамўрани оловли олтингугурт билан йўқ қилиб ташлаб, бу шаҳарлар ўрнига оқ тупроқдан иборат саҳро ва тобора катталашиб бораётган Ўлик денгизни пайдо қилган. Тамара бу тўғрида ҳикоялар эшитган. Канъондаги биронта халқнинг худоси бундай қудратга эга эмас эди. Ибронийлар Шакам шаҳрини нималар қилишганини, бу шаҳарга қандай огир шикаст етказганини одамлар гапириб юрадилар… — Ойижон, нимага энди шундай бўлиши керак? Наҳотки, мен ўз келажагимни ўзим танлай олмасам? — Бошқа бирон бегона қиздан ортиқ жойинг йўқ. Ҳозир хавотирланаётганингни билиб турибман. Отангнинг уйига кириб келганимда, сендан катта эмас эдим. Шундай бўлиши керак экан, Тамара. Ҳали ёш қизча эканлигингдаёқ, мен сени шу кунга тайёрламаган эдимми?! Мен сенга, фақат шу кун учун туғилгансан, деб айтардим-ку. Тақдиринг билан курашишинг — шамол билан беҳудага курашганингдай гап. — Она Тамаранинг елкаларидан қучди. — Ақлли қиз бўлиб менинг гапларимга қулоқ сол. Меҳрибон хотин бўлиб кўп ўғиллар туғиб бер. Шундай қилсанг, ҳурматда бўласан. Агар сенга бахт кулиб боқса, эринг ҳам сени севиб қолади. Агар булар амалга ошмаса, у ҳолда келажагингни ўғилларинг ҳимоя қилади. Қариган чоғингда, худди ака-укаларинг менга ғамхўрлик қилишгани каби, ўғилларинг ҳам сенга ғамхўрлик қилишади. Бу дунёда аёлнинг яккаю ягона бахти — эрига оила қуриб берганини англаб етганидир. — Лекин у Яҳудонинг ўғли Ғур-ку, ойижон. Онанинг кўзларидан гўё олов чиқиб кетгандай бўлди, лекин сўзида туриб олди: — Бурчингни бажариб, ўғиллар туғиб бер, ўзингда ирода топ. Сен иродали бўлишинг керак, Тамара. Бу одамлар хавфли, улар тўғрисида бирор гап айтиш қийин. Бунинг устига, мағрур халқ. Тамара юзини бурди. — Ғурга турмушга чиқишни ҳечам истамайман, асло бундай қилолмайман! Онаси қизнинг сочларидан шундай қаттиқ тортдики, Тамара беихтиёр бошини орқага ташлади. — Сен оиламизни ҳалок қилмоқчи бўляпсанми? Бир иброний олдида одамни ер билан битта қилмоқчи бўляпсанми? Сен, ҳозир отамнинг олдига Ғурга турмушга чиқмайман, деб нолаю фиғон қилиб кирсам, отам менга ўз истагим билан яшашимга имкон беради, деб ўйлаяпсанми? Менинг гапларимни иккала қулоғинг би-лан эшитиб ол. Агар сен ака-укаларингнинг ҳаётини хавф остига қўядиган бўлсанг, билиб қўй, отанг билан сени тошбўрон қилдираман. Эшитяпсанми гапларимни? Кимга ва қачон турмушга чиқишингни отанг ҳал қилади, сен эмас! — у қўполлик билан қизини итариб ташлади-да, қаттиқ ҳаяжон ичида ўзини четга олди. — Бемъанилик қилма! Тамара кўзларини юмди. Хонага оғир сукунат чўкди. Энагаси билан сингиллари унга қараб туришгандек туюлди. — Кечиринг, — деди лаблари титраб Тамара, — кечиринг. Қандай қилиш керак бўлса, ҳаммасини шундай қиламан. — Худди ҳаммамиз каби, — дея онаси чуқур нафас олиб Тамаранинг қўлларини ушлади, хушбўй мойни Тамаранинг қўлларига суртди. — Илон каби доно бўл, қизим. Яҳудо сенга эътиборини қаратди, бу билан ақлли одам эканлигини кўрсатди. Сен кучлисан, бошқалардан кўра кучлисан. Буни ўзинг англамаслигинг мумкин, аммо ақллисан, кучлисан. Бу иброний сени яхши кўриб қолди. Бизнинг тилагимиз ҳам шу — сен унга ёқишинг керак. Яҳудонинг ўғлига меҳрибон хотин бўл. Бизнинг уруғ-аймоғимиз ўртасида кўприк қур. Улар орасида биродарликни сақла. Бўйнига қўйилган шартлардан Тамаранинг боши эгилди. — Ҳаракат қиламан. — Сен шунчаки ҳаракат қилмайсан, амалга оширасан, — дея она дарров қизининг юзларидан ўпди. — Энди бемалол ўтириб, нарсаларингни йиғиштир. Энди мен отангга, қизингиз тайёр бўлди, деб айтай. Тамара ўзини босиб олиб, ҳаммасини ўйлаб кўришга ҳаракат қилди. Шакамлик бир йигит Яҳудонинг синглисини зўрлагани учун, Ёқубнинг ҳамма ўғиллари Шакам шаҳрининг кулини кўкка совурган эди. Яҳудо Ёқубнинг ўғилларидан биттаси эди. Агар Хамўрнинг ўғли бу одамларни яхшироқ билганда, балки қизга яқинлашмаган бўлармиди. Қилғилиқни қилиб қўйиб, у Ёқубнинг ўғилларини тинчитгани ҳаракат қилди, лекин Ёқубнинг ўғиллари қон тўкилишини хоҳлашарди. Шаҳар оқсоқоллари, орамиздаги ҳамма эркаклар, сизлар сингари, суннат бўладилар, деб Ёқубнинг ва унинг ўғилларини ишонтирдилар. Шакамликлар никоҳга ва икки қабила орасида тинчлик учун ҳамма нарсага рози эдилар. Улар ибронийларнинг ҳамма шартларни бажаришди. Аммо эркаклар суннат қилинганларидан кейин уч кун ўтгач, оғриб ётганларида, Яҳудо билан унинг ака-укалари Шакамликлардан ўч олдилар. Айбдор одамнинг қонини тўкиш билан уларнинг кўнгиллари жойига тушмади. Шакамнинг ҳамма эркакларини қиличдан ўтказдилар. Шакам эркакларидан биронтаси тирик қолмади, шаҳар талон-тарож қилинди. Канъонликларнинг назарида ибронийлар қўланса ҳидли одамлар эдилар. Уларнинг бу ерларда пайдо бўлганлари ҳаммада қўрқув ва гумонни келтириб чиқарди. Яҳудо отасининг чодирини ташлаб, Тамаранинг халқи орасида яшаш учун келди. Аммо Тамаранинг отаси бундай қўшниси борлигидан тинч ухлолмас эди. Ҳатто Яҳудо Адулламлик Хўрах билан дўстлашган бўлса ҳам, Тамаранинг отаси бундан ҳам хотиржам бўла олмас эди. Қолаверса, Яҳудо Канъонлик аёлга уйланди, учта ўғил туғиб берди, ўғилларини Канъонликларнинг урф-одатлари бўйича тарбиялади, Бу ҳам Тамаранинг отаси назарида аҳамиятсиз эди. Яҳудо иброний бўлгани учун, бегона ҳисобланар, Зимраннинг биқинидаги тиканак эди. Бир неча йиллар давомида Тамаранинг отаси, менинг даламда қўйларни ўтлатишинг мумкин, деб Яхудо билан шартнома тузди. Шартномалар ҳар иккала томон учун қулай бўлди, вақтинчалик иттифоқ ўрнатишди. Шу йиллар давомида Зимран ибронийлар билан иттифоқ бўлиб яшаш учун янада яхшироқ усулларни қидирганини Тамара билади. Ғур билан бўладиган никоҳ Яҳудо ва унинг ўғилларига кўрсатилган илтифот ҳисобланса, унда Зимран тинчликка эришган бўлади. Оҳ, отаси нима учун Тамарани Ғурга турмушга бермоқчи экани-ни тушунарди. Бу — отасининг тинчлик ўрнатиш шарти эканини би-ларди. У ҳатто бу ишларда ўзининг роли борлигини ҳам биларди. Лекин бундан Тамара умуман тинчлана олмас эди. Охир-оқибат Тамарани худойига аталган қўзичоқдай қурбонликка келтиришаётган эди. Унга турмушга чиқиш ёки чиқмаслик борасида танлов ҳуқуқи берилмаган эди. Кимга турмушга чиқиш танлови ҳам йўқ эди. У учун ягона танлови — ўз тақдирини қай ҳолда қаршилаш эди, холос. Онаси қайтиб келганда Тамара тайёр бўлган эди. Онасига таъзим қилганда, ҳис-туйғуларини ошкор қилмади. Тамара бошини кўтарди, онаси унинг бошига қўлини қўйди, пичирлаб оқ фотиҳа берди. Кейин Тамарани энгагидан тутиб, деди: — Турмуш — қийин нарса, Тамара. Буни мен сендан яхшироқ биламан. Ҳар бир қиз вояга етганда, севги ҳақида орзу қилади, лекин бу беҳуда ҳаёт эмас, бу — чинакам ҳаёт. Агар сал олдинроқ вояга етганингда, сени опангнинг ўрнига Фамнадаги жамоатга юборган бўлардик. — Мен у ерда ҳам бахтли бўлолмас эдим. Ҳақиқатан ҳам, у опаси кечираётган ҳаётдан кўра, ўз қўллари билан келадиган ўлимни афзал кўрарди. — Шундай қилиб, сенинг ихтиёрингдаги охирги имкониятинг, Тамара, итоаткор бўлишдир. Тамара, албатта шундай қиламан, деган қарор билан дадил ўрнидан турди. Уйни тўлдириб аёллар ўтирган эдилар. Тамара аёллар ўтирган томондан онасининг орқасидан юрар экан, вужудидаги титроқни босишга ҳаракат қилди. Балки Яҳудо, э, бу қизча ҳали жуда ёш экан, деб айтиши мумкин, ёки жуда хунук, озғин экан, деб айтиши ҳам мумкин. Балки шундай деса Ғур билан бўладиган никоҳдан қутулишга имкон пайдо бўлар. Лекин барибир бу ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ҳақиқатнинг юзига қараш жуда оғир. Тамара турмушга чиқиши шарт. Бўлмаса аёлларнинг эрсиз ва фарзандсиз ҳаёти ўлим билан тенгдир. * * * Зимраннинг қизи хонага кирганда, Яҳудо унга синчиклаб қаради. Қизнинг бўйи узун, озғин, жуда ёш экан. У назокатли, латофатини сақлаган эди. Тамара онаси билан бирга дастурхонга таом тортганда қилаётган ҳаракатлари Яҳудога маъқул келди; У ўтган сафар йиғим-теримдан кейин Зимранни йўқлаб келганда, Тамарадаги ёшлик латофатини сезган эди. Яҳудо ва унинг ўғиллари қизимни яхшироқ кўрсин, деб Зимран Тамарани яйловнинг ёнидаги далага ишга қўйган эди. Зимран қизини нима учун кўзга ташланадиган жойга ишга қўйганини Яҳудо ўшанда тушунган эди. Энди яхшироқ тикилиб қараса, қиз оила қуриш учун жуда ёш экан. У Шилодан катта эмас эди. Яҳудо бу ҳақда Зимранга айтган эди, Зимран кулди: — Албатта қизим ёш, лекин шуниси яхши-да. Ёш қиз каттароғига қараганда итоаткор бўлади. Шундай эмасми?! Ўғлинг қизим учун саждагоҳ бўлади, қизимнинг муаллими бўлади. — Болалар-чи? Зимран яна кулди. Унинг кулгуси Яҳудонинг ғашига тегди. — Сени ишонтириб айтаманки, дўстим Яҳудо, Тамара вояга етган, у ўғил ҳадя эта олади. У ўтган йиғим-терим пайтида — Ғур кўз ташлаган пайтдаёқ вояга етган эди. Бунга далилларимиз бор. Қиз отасига нигоҳини ташлади. У қизариб кетган, уялгани юзларидан шундоққина кўриниб турарди. Қизнинг камтарлигидан ҳайратланган Яҳудо уни яқиндан ўрганаётган эди. — Яқинроқ кел-чи, қизим, — деди у. Яҳудо қизнинг кўзларига назар ташламоқчи эди. Чамаси, майда нарсадан у аниқ тасаввур ҳосил қилмоқчи бўлди. Чунки ҳар сафар никоҳ ҳақида гап очилса, негадир унинг кўз олдига шу қиз келарди. — Уялма, Тамара, — Зимраннинг овози мулойимлашди. — Яҳудо сенинг чиройингни кўриб қўйсин. Тамара бошини кўтарган эди, Зимран унга «хўп» деган ишорани қилди. — Ҳа, баракалла. Яҳудога кулиб қара, тишларинг чиройлилигини кўрсин. Яҳудони қизнинг кулгуси ҳам, тишлари ҳам қизиқтирмас эди, лекин кулгуси ҳам, тишлари ҳам ҳақиқатан чиройли эди. Яҳудони қизнинг бола туғиш лаёқати қизиқтирарди. Албатта, ўғлига турмушга чиқмагунча, қизнинг ўғил ҳадя этиш лаёқатини билиш имконияти йўқ. Ҳаёт ҳам кафолат беролмайди. Бироқ қиз серпушт оиладан эди. Унинг онаси олти ўғил, беш қиз туққан. Тамара ҳам онасидай кучли бўлиши керак. Яҳудо бу қизнинг кетмон билан қаттиқ ерни кавлаганини, деворга тошлар кўтариб борганини кўрган эди. Нимжон қизлар одатда, уйда ўтириб кулолчилик ёки тикувчилик билан шуғулланади. — Тамара, — имо билан чақирди отаси. — Яҳудонинг қаршисида тиз чўкиб ўтир. У сени яқинроқ кўриб олсин. Тамара дарров итоат эгди. Қизнинг кўзлари тўқ, қаҳри ҳам қаттиқ эмас эди. Териси ҳам соғлом. Бундай қиз Ғурнинг тош юрагини юмшатиб, уни ёмон йўллардан қайтара олиши мумкин эди. Бу қизда Ғурнинг ҳурматини қозониш учун зарур бўлган жасурлик ҳам бўлганда эди, Яҳудо яна ҳам қойил қолган бўлар эди. Зимран — қўрқоқ. Аммо Тамара-чи? Ғур атак-чечак қила бошлагандан бери қайғудан бошқа ҳеч нима олиб келмади. Бу қизга ҳам бир қанча кўнгилсизликлар олиб келиши мумкин. Шунинг учун қиз кучли, иродали бўлиши лозим. Яҳудо Ғурнинг бебошлигини ўзидаги, яъни отанинг зиммасидаги айб деб биларди. У ҳеч қачон хотини ўғилларини калтаклашига йўл қўймас эди. Яҳудо, тўлиқ озодлик болаларнинг кучли ва бахтли бўлиб ўсишларига имкон беради, деб ҳисобларди. О, улар ўз хоҳишлари билан иш юритганларида бахтиёр эдилар, ўзларининг ҳақларини олмасдан, бошқаларни қийнаганларида ўзларини кучли сезардилар. Улар кам жазо олганлар, шунинг учун манман, сурбет бўлиб вояга етишди. Агар Яҳудо хивчинни ишга солганда, балки яхшироқ болалар бўлишармиди. Бу қиз Ғурнинг кўнглини юмшата олармикан? Ёки Ғур бу қизни ҳам қаҳри қаттиқ қилиб бузадими? Яҳудо Тамаранинг кўзларига тикилиб, бу кўзларда покизаликни, оқилаликни уқди, айни пайтда хавотирликни ҳам сезди. Ғур Яҳудонинг тўнғичи бўлгани учун, у бор кучини унга сарфлади. Ўғли туғилганда, Яҳудо шундай ғурурландики, кўп орзулар қилди! «Мана, менинг пушти камарим! — деб ғурурланарди Яҳудо. Айниқса, Ғур вояга етиб, онасига бош эгмасдан, жаҳлдан қизарган юзини Яҳудо кўрганда, қандай кулган эди! Ўғли шиддат билан қаршилик қилганда, Яҳудо ғоят фаҳрланиб кетарди. «Бу бола кучли йигит бўлади, — дерди ўзига ўзи. — Бирорта хотин унга қандай яшашни ўргатолмайди». Яҳудо, ўғлим менинг буйруқларимдан асло бўйин товламайди, деб ўйларди, ўғли очиқчасига отасига итоат этмаслигини асло кутмаган эди. Иккинчи ўғли Ўнан ҳам Ғурга ўхшаб ўжар бўлди. У вояга етиб, акасининг ғазабидан қўрққанда, айёрлик ва ёлғон билан ўзини ҳимоя қилишни ўрганди. Булардан қайси бири баттаринлигини Яҳудо фарқлай олмас эди. Иккови ҳам маккор, шунинг учун икковига ҳам ишониш мумкин эмас эди. Учинчи ўғли Шело акаларининг изидан кетди. Яҳудо ғазабга минганда, ўғиллари ёлғон гапирар ё бир-бирларини айблашар эди. Уларни қаттиқ назорат остига олиб, ҳақиқатни қарор топтириш учун эзғилашганда, болаларнинг оналарига мурожаат қилишарди. Ўғиллари қанчалик айбдор бўлмасин, она ўғилларини ҳимоя қиларди. Онанинг ғурури ўғилларининг камчилигини кўришга имкон бермасди. Ахир, улар онасининг болалари, ҳар қандай ҳолатда улар Канъонлик эдилар. Нимадир қилиш керак, бўлмаса Ғур отасига шармандалик, ажалидан беш кун бурун ўлдиради. Яҳудо ўғиллари борлигидан афсусланарди, бу болалар Яҳудонинг хонадонини барбод қилиб, умрига зомин бўлаётган эди! Шундай пайтлар ҳам бўлардики, Яҳудо ғазабдан ўзини тўхтата олмай, найзани ўғилларидан бирига отишга ҳам тайёр эди. Яҳудо тез-тез отаси Ёқубни эсларди. Эҳ, ўғиллар унга ҳам кўп озор етказишган эди-да. Яҳудо ҳам отасига кўп қайғу олиб келди. Яҳудо: «Ғур билан Ўнан акаларим Шимўн билан Левийнинг ўзи», деб ўйларди. Ака-укалари ҳақидаги ўйлар ўзи содир этган зулмат қаъридаги хотираларни эслатди. Бу гуноҳ туфайли Яҳудо ота хонадонидан кетишга мажбур бўлди. Чунки у отасига етказган озордан азоб чекар, гуноҳни содир этишда иштирок этган ака-укалари билан бирга ҳам бўлолмас эди. Яҳудонинг отаси Ёқуб Дўтанда содир бўлган ҳақиқий воқеани билмас эди. Яҳудо ўзига ўзи тасалли беришга ҳаракат қиларди. Укалари Шимўн билан Леви, Юсуфни ўлдирамиз, деб ташланганларида, Яҳудо йўл қўймаган эди. Шундай эмасми?!Лекин у ўсмирни Мисрга кетаётган исмоилий савдогарларга сотиб юборайлик, деб кўндирган эди. У боланинг бахтсизлигидан ака-укалари билан бирга фойдани баҳам кўрди. Мисргагача узоқ, машаққатли йўлни Юсуф кўтара олдимикин — буниси фақат Худога аён. Балки у саҳрода ўлиб кетгандир. Агар ўлмаган бўлса, қандайдир мисрликнинг қули бўлиб юргандир. Баъзан тунлари Яҳудо тўшагида уйқусиз ётганда, Юсуфни ўйларди. Унинг виждони қийналарди. Қилган жиноятини унутишга яна қанча вақт керак экан? Кўзини юмиши биланоқ, савдогарлар олиб кетаётган Юсуфнинг боғланган қўлларини, бўйнидаги занжирини кўрмаслиги учун яна қанча вақт керак экан? Яҳудонинг қулоғи остида ҳамон Юсуфнинг ёрдам сўраб нола қилгани жаранглайди. Унга укасига қилган гуноҳларидан тавба қилиш учун, гуноҳлари билан яшаш учун умр берилган эди. Яҳудо қасам ичиб айтиши мумкин эдики, у укасини ўлдиришни режалаштиргани учун, Худонинг қўллари танасидан жонини сиқиб оляпти. Зимран йўталиб қўйди. Яҳудо қаерда эканлигини, Канъонликнинг уйига нима учун келганини эслади. У шунга ҳаракат қилиши лозим: хаёлларини тўзғитмасликка, ўтмиш ҳозирги замонга суқилиб кирмаслигига, келажакда амалга ошириши мумкин бўлган ишларга ҳалақит бермаслигига эришиши керак. Унинг ўғли учун ёш, меҳрибон, ифлос ва баджаҳл ўйлардан халос қиладиган кучли хотин керак. У оғзини маҳкам юмган ҳолда, олдида таъзим қилиб турган қизни ўрганаётган эди. Яна хато қилмаяптимикан? У Канъонликка уйланиб, афсус қиляпти, аммо ҳозир бирга яшаяпти. Энди уйига яна бир Канъонликни олиб келяпти. Бироқ бу қиз унга ёқди. Нимаси ёқди экан? Яҳудо қизнинг энгагидан тутди. У сездики, қиз ҳуркак, лекин қиз ҳуркаклигини беркитишга уста экан. Ғурга тегишли бўлган иш жуда фойдали эди. Қиз ёш, соддагина экан… Ўғли унинг беғуборлигини яксон қилмасмикан? Ёки ўғли, бошқаларни ўзгартирганидай, бу қизни ҳам ўзгартириб юборармикан? Яҳудо жиддийлашиб, қизнинг энгагидан қўлини олди ва орқага ўтди. Ғур отаси қилган хатони такрорлашига Яҳудо йўл қўймайди. Яҳудони ўғлининг онасига уйланишга шаҳвоний нафс мажбур қилди. Гўзаллик — тийиб бўлмайдиган эҳтирос ақлни емирган пайтда, эркаклар илинадиган тузоқ. Оилада аёлнинг феъл-атвори муҳимроқ. Агар Яҳудо отасига урф-одатига кўра хотин танлашга изн берса, яхшироқ бўлар эди. У жуда ҳам қайсар, жиззаки эди. Энди эса ўзининг аҳмоқлиги учун азият чекяпти. Аёл эркакдаги эҳтиросни уйғота олади, аммо шунинг ўзи аёл учун кифоя эмас. Аёл иродали, эрига итоаткор бўлиши шарт. Қайсар аёл — эркакнинг қарғишига учраган аёлдир. У ўсмирлик пайтида, хотинимни ўзимга бўйсундира оламан, деб жуда ишонган эди. Аксинча, у хотинига бўйсуниб қолди. У: «Майли, хотиним аввалгидек хоҳлаганича Канъоннинг худоларига сиғинаверсин», деб ижозат бериб қўйди. Бундан ҳеч қандай зиён етмайди, деб ўйлаган эди, алданиб қолди. Мана, энди у ўғилларида ҳам бутпарастликни пайқаяпти. Яҳудонинг назарида хотини Бурсабога қараганда, Тамара босиқ, хулқ-атвори яхши эди. Тамара ақлли бўлиб кўринарди. Тамара бақувват эканини ҳам Яҳудо биларди, чунки Тамара оғир ишларни бажарганини кўрган эди. Энди Бурсабо хурсанд бўладиган бўлди-да. Албатта, у хонадондаги энг ёқимсиз юмушларни Тамаранинг зиммасига юклайди. Бироқ аёл кишининг энг асосий юмуши, фахри — бола туғиш маҳорати. Лекин бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. У қизда кўрган яхши хислатларни етарли, деб ҳисобларди. Бироқ Тамаранинг яна бир нарсаси бор эдики, Яҳудо бунинг нима эканини ҳеч англаб ета олмасди — розиликни уйига олиб келишдан ташқари, яна бошқа нимадир бор. Яҳудога ички овоз худди Тамарани танлаганини айтиб турарди. — Қизинг менга ёқди. Зимран енгил нафас олди: — Сен доно одамсан! Зимран қизига қараб бошини қимирлатиб қўйди. Тамара кетиш учун рухсат олиб, секингина ўрнидан турди. Канъонлик савдони бошлаш учун бетоқатланиб ўтирарди. Қиз онаси билан хонани қай тарзда тарк этаётганини Яҳудо кузатиб ўтирган эди. Зимран чапак чалган эди, хонага дарров иккита хизматкор кирди. Бирининг қўлидаги анор ва узумга тўла патнис, иккинчисининг қўлида қовурилган қўй гўшти. — Ол, иним, тановул қилиб ол, кейин гаплашамиз. Бироқ Яҳудонинг устидан ҳукмронлик қилиш осон иш эмас эди. Овқатга қўл узатишдан олдин қизга баҳо берди. Зимраннинг кўзлари ёниб савдолашишни бошлади. Яҳудо очиқ қўл бўлишга ҳаракат қилди. Бу никоҳдан у бахтиёр бўлмаса ҳам, оилада тартиб ва барқарорликни ўрнатиши керак эди. Ажабмас Ғур ҳам бекорчиликдан воз кечса. Бундан ташқари, Яҳудо Зимраннинг олдидан тезроқ кетишни хоҳларди. Зимраннинг тилёғламалиги Яҳудонинг ғашини келтираётган эди. Тамара. Бу исм «хурмо дарахти» деган маънони англатади. Агар келажакда чиройли, хушқомат қизларни кўришни хоҳлашса, чақалоқларга шу исмни беришади. Хурмо дарахти чўлда ўсади, ширин, тўйимли мева беради. Бундай қиз серпушт уруғдан келиб чиқади. Хурмо дарахти саҳро шамоли таъсирида эгилса ҳам, шамол уни синдира олмайди ёки томири билан суғуриб чиқара олмайди, бу қиз Ғурнинг кучли ва жиззаки феъл-атвори билан чиқишиб кета олади. Хурмо дарахти ташқи муҳитнинг зарбаларига дуч келса ҳам, бу муҳитдан соғ-омон чиқади. Бурсабо бу қизга худди рақибларча муносабатда бўлишини Яҳудо биларди. Яҳудонинг хотини Ғурнинг ёшгина хотини билан олишиши муқаррарлигини биларди. Чунки ўғли хотинига боғланиб қолишига она такаббурларча, рашк билан муносабатда бўлади Тамара. Қизнинг исмига мос ҳамма фазилатлар борлигига Яҳудо умид боғлади. * * * Тамара тақдирининг ҳал бўлишини кутаётган эди. Йўлакда онаси пайдо бўлди. Тамара билдики, тақдири ҳал бўлибди. — Юр, Тамара. Яҳудонинг сенга аталган совғалари бор экан. Донг қотиб қолган Тамара ўрнидан турди. Бу вақт кўз ёш тўкадиган пайт эмас, балки хурсанд бўладиган пайт эди. Отаси юрагини ҳовучлашига энди ҳожат қолмади. — Қалайсан, қизим? Отаси хурсанд. У Тамара учун яхши қалин олган кўринади. Шу вақтгача ота қизини бунчалик суйиб эркаламаган эди. Энди эса ҳатто ёноқларидан ўпиб ҳам қўйди! Тамара бошини даров кўтариб: «Мени Ғурдай одамга турмушга беряпсиз, нима қиляпсиз мени?!», деб тушунтирмоқчи бўлгандай отасининг кўзларига боқди. Балки отаси ўзини ҳимоя қилиш учун қизидан фойдаланаётганидан уялар. У қизига саволомуз қаради. — Қайнотангга таъзим қил. Тақдирга тан берган Тамара Яҳудога таъзим қилди. Яҳудо қўли-ни қизнинг бошига қўйиб, оқ фотиҳа берди, сўнг «тур» деган ишорани қилди. Қиз қаддини ростлагандан кейин, Яҳудо ёнидан олтин зирак, билакузук олиб, қизга тақиб қўйди. Зимраннинг кўзлари чақнаб кетди, Тамаранинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди. — Эртага тайёр бўл: хонадонингни тарк этасан, — деди унга Яҳудо. Донг қотиб қолган Тамара ўйламасдан яна қайтариб сўради: — Эрталаб? — Тамара отасига қаради. — Унаштириш-чи? Отаси кўзлари билан қизига «Жим бўл!» деган ишорани қилди. — Қизим, бугун кечқурун Яҳудо икковимиз бу воқеани нишонлаймиз. Бугун Акса кийимларингни йиғиштиради, эртага сен билан бирга боради. Ҳаммаси ҳал бўлди. Эринг сени кўришга жуда ошиқаётган экан. Тамаранинг отаси шунчалик қўрқувда эдики, ҳатто тўйга тайёргарлик кўриш учун тўққиз ой вақтни талаб ҳам қилмади. Энди ҳатто бўладиган тўйга тайёргарлик кўриш учун бир ҳафта ҳам вақт йўқ! — Боравер, Тамара. Эрталабга тайёр бўлиб тур. Тамара аёллар ўтирган хонага кирди. Онаси билан сингиллари Тамаранинг кийимларини тахлашаётган экан. Тамара ҳис-туйғуларини жиловлай олмасдан, ҳўнграб йиғлаб юборди. Сингилларининг «ҳай-ҳай«лаши, «Бўлди қилсанг-чи» деган илтимослари Тамарага кор қилмади, кечаси билан йиғлаб чиқди. «Ҳали сизларнинг бошингизга ҳам шунақа кун тушади, — жаҳл билан деди у, — ўшанда менинг аҳволимни тушунасиз!» Акса Тамарани қучоқлаб аллалади. Қиз охирги кеча болалигига талпинди. Қуёш кўтарилганда Тамара ювиниб-тараниб, келинлик либосларини кийди. Бир пайт олдига онаси келди. — Хурсанд бўлавер, жонгинам. Яҳудо сен учун жуда кўп қалин берди, — онанинг йиғи аралаш овозида сал ҳаяжон бор эди. — Бу яҳудий совғалар ортилган эшакда келди. Ҳасса ва тамға олиб қайтиб кетар экан. — Мени ҳам олиб кетар эканми? — секингина сўради Тамара. Онасининг кўзлари ёшга тўлди. — Акса, унга қараб тур. — Хўп бўлади, бекам. Онаси Тамарани қучиб ўпиб қўйди. — Балки эринг сени севиб қолар, сен унга кўп ўғиллар ҳадя этасан. Бу гапларни Тамаранинг боши тепасида пичирлаб айтди. Тамара онасини қаттиқ қучиб, охирги марта она тафтидан, она меҳридан баҳра олди. «Вақт бўлди», деди секин онаси. Тамара орқага тисарилди. Онаси кетар экан, унинг юзларини силади. Тамара ташқарига чиқди. Эрталабки қуёш нурларини соча бошлаган эди. Акса Тамарани эргаштириб, бир оз нарида турган Зимран билан Яҳудонинг олдига яқинлашди. Қиз кечаси билан йиғлаб бўлган эди. Тамаранинг орқасида Акса секин йиғлаяпти. Бундай пайтда кўз ёшни тутиб туриш қийин. Аммо энди Тамара болаларга ўхшаб кўз ёш тўкмайди. — Балки эшитганларимизнинг ҳаммаси ёлғондир, — деди Акса. — Балки айримлар айтгандай, ёмон ҳам эмасдир. — Бунинг энди нима аҳамияти бор? — Тамара, эринг сени севишига мажбур қилишинг керак. Севиб қолган йигит — аёлнинг қўлидаги лой. Балки Худо бизга марҳамат кўрсатар! — Менга раҳминг келсин, жим бўл! Тамара эркаклар ёнига яқинлашди, отаси уни ўпди. — Ўзингдан кўпайгин, Яҳудонинг наслини ҳам кўпайтиргин. Отаси, қанийди улар тезроқ кетса, деб хоҳларди. Яҳудо олдинда, Тамара билан Акса унинг орқасида. Яҳудо новча, қадамлари ҳам катта-катта. Тамара ҳам орқада қолиб кетмаслиги учун тез юриши керак. Акса ҳансираб, норозилигини билдирди, Тамара эса унга эътибор бермади. Тамара энди бор кучи билан меҳнат қилади. У меҳрибон хотин бўлади, эрини ҳурматга сазовор қилиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилади. У боғ яратишни, подага қарашни, овқат пиширишни, сопол идиш тайёрлашни, тўқишни билади. Чиқим дафтарини тўғри юритиш учун етарлича ёзиш-ўқишни ҳам билади. Оғир пайтларда қандай қилиб озиқ-овқатни ва сувни тежашни, мўл-кўлчилик пай-тида эса сахийликни ҳам билади. Совун тайёрлашни, сават тўқишни, тикишни, асбоб-ускуналар тайёрлашни, хизматкорларни бошқаришни ҳам билади. Лекин эрига энг улуғ туҳфаси болалар ҳадя этиш бўлади. Ахир, оилани болалар ташкил қилади. Уларни кутиб олгани Яҳудонинг ўртанча ўғли Ўнан чиқди. — Ғур кетди, — деди Ўнан отасига Тамарадан кўзини узмай. Яҳудо куч билан ҳассасини ерга урди. — Қаерга кетди? Ўнан елкасини қисди. — Дўстлари билан кетди. У сизнинг қаерга кетганингизни эши-тиб, жаҳли чиқди. Биласиз-ку, мен ундан ўзимни олиб қочиб юраман. Уни жиним суймайди. — Бурсабо! Яҳудо тошдан қурилган уйга йўл олди. Остонада нигоҳлари қаттиқ, тўладан келган аёл кўринди. — Нимага бақиряпсан? — Бугун келинни олиб келишимни Ғурга айтганмидинг? — Айтган эдим. Яҳудо истамайгина эшик ёндорига суянди. — Бўлмаса қани у? У бошини озод кўтарди. — Яҳудо, мен Ғурнинг назоратчиси эмас, онасиман. У хоҳлаган пайтида келади, лекин эрта келмаслиги аниқ. Уни ўзинг ҳам биласан-ку. Яҳудонинг юзи бўзарди. — Ҳа, биламан, — у ҳассасини шундай қисдики, ҳатто бармоқларининг бўғимлари оқариб кетди. — Мана, унга хотин нима учун керак! — Эҳтимол, шундайдир. Ие, шуми? Сен қиз чиройли деган эдинг-ку! — У Тамарага бошдан-оёқ разм солди. — Шу озғин қиз ўғлингнинг бошини айлантиради, деб ўйлайсанми? — Тамаранинг ёши сен ўйлагандан кўра каттароқ. Унга Ғурнинг хонасини кўрсат. Яҳудо кетди. Бурсабо лабини буриб, Тамарани бошдан-оёқ кузатди, ҳайрон бўлиб бошини қимирлатди: «Ҳайронман, Яҳудо сени танлаётганда нимани ўйлади экан?» У ўгирилиб Тамара билан Аксани қолдирди-да, уйга кириб кетди. * * * Ғур кечқурун канъонлик дўстлари билан қайтиб келди. Ҳаммалари маст, шовқин солиб, хохолашарди. Эркаклар бундай пайтда қандай аҳволга тушиб қолишларини Тамара билгани учун ўзини четга олди. Унинг ҳам отаси билан акалари тез-тез ичишар, кейин эса ўзаро тортишар эдилар. Ғурнинг кайфи тарқамагунча, унга кўринмаслик маъқуллигиниТамара тушуниб турарди. Тамара: «Мени чақириб қолишлари мумкин», деб, Аксага келинлик либосларини кийишга ёрдам беришини буюрди. Қиз Ғур ҳақида эшитган гапларини унутишга ўзини мажбур қиларди. Балки Ғур ҳақида бўлмағур гапларни гапирган одам билан Ғур ўртасида қандайдир сир бор. У эрни қандай ҳурмат қилиш керак бўлса, шундай ҳурмат қилади, эрининг айтганларини қилади. Агар ота-бобосининг Худоси унга марҳамат қилса, Ғурга ўғил ҳадя этади. Агар ота-бобосининг Худоси унга оқ фотиҳа берса, ўғилларни кучли, ростгўй қилиб тарбиялайди. У болаларига содиқ ва ишончли бўлишни ўргатади. Агар Ғур хоҳласа, Тамара болаларига ўз отасининг Худоси ҳақида эмас, балки Яҳудонинг Худоси ҳақида ҳикоялар айтиб беради, болаларини Яҳудонинг Худосига сажда қилишга мажбур этади. Барибир, Тамаранинг юраги ҳаприқиб, ҳар дақиқа қўрқуви кучайиб борарди. Охири, Тамарани чақиришди. Тамара Ғурни кўрганда, ичида ғурур пайдо бўлди. Ғур ҳам, отасига ўхшаб, узун бўйли, гавдаси ҳам кучли эканлигидан далолат бериб турибди. Сочлари онасиникига ўхшаб қора, қалин, ялтирайди, канъонликларга ўхшаб орқага тараб юрар экан. Пешонасидаги бефаҳмлик гардишидан уни канъонлик бекларга ўхшатса бўлади. Йигитнинг чиройи Тамаранинг ҳаяжони-ни қўзғатди. Лекин унинг кўзларида қайғуни кўрди. Ғурнинг кўзлари совуқ боқади, раҳм-шафқатдан тамомила холи. Бошининг эгилишидан — мағрурликни, лабининг букилишидан — қаттиққўлликни ва бошқа ҳаракатларидан бепарволикни кузатиш мумкин эди. У қизни қўлидан тутиш учун жойидан қимирламади ҳам. — Менга хотинликка танлаган қизингиз шуми, ота? Бу сўзни қандай оҳангда айтилганини эшитиб Тамара чўчиб тушди. Яҳудо қўлини ўғлининг елкасига қўйди. — Ўзингга тегишли нарсани авайла, ана шунда Иброҳимнинг Худоси сенга кўп ўғил ато қилади. Ғур киприк қоқмай Тамарага қараб турарди. Юзи худди ниқоб тутиб олганга ўхшарди. Тун бўйи Ғурнинг дўстлари унинг уйланиши борасида қўпол ҳазил қилишди. Улар чарчамасдан Ғурнинг устидан кулишар, Ғур кулса ҳам, аммо ўзига ёқмаётганлигини Тамара сезиб турарди. Қайнотаси ўз хаёллари билан банд, кўп ичипти. Бурсабо эса ғайри оддий тарзда Тамаранинг олдида ўтириб тўй дастурхонидан қолган-қутган нарсаларни еб ўтирибди, келинига эътибор бермайди. Тамара бундай қўполликдан хафа, ҳижолат, кўнгли вайрон. Қайнонасига нима ёмонлик қилди экан? Нима деб хафа қилди экан? Тамара борми, йўқми — Бурсабо умуман эътибор бермасликка ҳаракат қилар эди. Тун имиллаб ўтар, Тамара эса бундан қўрқарди. Юраги сиқилиб кетди. Бу муҳитда у ўзини ташландиқ, унутилгандек ҳис қилди. У Яҳудонинг меросхўрига турмушга чиқяпти-ю аммо ҳеч ким унга бир сўз гапирмайди, ҳатто ёнида ўтирган ёш эри ҳам оғзига талқон солган. Вақт секин ўтарди. Тамара ниҳоятда толиқди. Уйқусиз тун, бегона уйга кўчиш ўз кучини кўрсатди. Никоҳ учун уюштирилган дастурхон уни янада ҳолдан тойдирди. У бор кучи билан кўзларини юммасликка ҳаракат қиларди. Энг қийини — у кўзидан оти-либ чиқишга тайёр турган кўз ёшларини тийиш учун кўп куч сарфларди. Ғур уни чимчилади. Тамаранинг юраги ҳаприқиб, ундан ўзини четга олди. Бехосдан эри ёнида эканида кўзи кетиб қолибди. Шуни англаганда, юзлари уятдан ловуллади. Дўстлари, хотининг ҳали ғўр экан, деб бўладиган эр-хотинлик тунини гапириб ҳазиллашишарди. Ғурнинг ўзи ҳам улар билан бирга кулар эди. — Энаганг биз учун хонани тайёрлаб қўйибди. У қизнинг қўлларидан ушлаб ўрнидан турғизди. Акса эшикни ёпиб чиқиб кетганидан кейин, Тамарадан узоқлашди. Акса эшик орқасидан жой эгаллади, кичкина дўмбирани чалиб қўшиқ айта бошлади. Тамаранинг бутун вужуди титради. — Мени кечиринг, бегим, ухлаб қолибман. Ғур бир сўз демади. Қиз, Ғурнинг асаби таранглашсайди, деб кутган эди. Сукут сақлаш билан Ғур қизга озор берар, бундан ўзи роҳатланар эди. Тамара қўлларини кўкрагига қўйган ҳолда кутиб тураверди. Ғур заҳархандалик билан кулиб камарини ечди. — Ўтган йили отангнинг даласига подани олиб борганимизда, сени кўрган эдим. Ўйлашимча, шундан кейин отам менга турмушга чиқишинг тўғрисида қарор қилган. Ғур қизни бошдан-оёқ кузатди. «У мени ҳали яхши билмайди», деб ўйлади Тамара. Тамара Ғурнинг сўзларидан айб қидирмади. Яҳудо келиб, қиз учун қалин таклиф қилганда, унинг юраги севинчдан унчалик ҳаприқмаган эди. — Сен мендан қўрқяпсан, шундай эмасми? Агар «йўқ» деса уни алдаган бўлади. Агар «ҳа» деса ақлсизлик бўларди. У қошини чимирди. — Сен мендан қўрқишинг керак. Жаҳлим ёмон. Нега индамайсан, соқовмисан? Ростини айтганда, Ғур нима қилмоқчи эканини қиз гоҳ тасаввур қилар, гоҳ тасаввур қилишга ожиз қолар эди. Лекин сукут сақлаб тураверди. У отасини кўпинча жаҳли чиққан ҳолда кўрар эди. Ана шунда сукут сақлашни афзал биларди. Жаҳлдор феъл-атвор учун бир оғиз ортиқча сўз оловга мой қуйгандай гап эди. Онаси ҳар доим унга, жаҳли чиқиб турган эркакларга бирон сўз айтмаслик керак, деб уқтирар эди. Тамара ҳам Ғурнинг жаҳлини чиқармоқчи эмасди. — Ҳой, қизча, сен шунчалик эҳтиёткормисан, а? — Ғур эринибгина тиржайди. — Ҳар ҳолда, гап нимадалигини билиб турган бўлсанг керак, — деб Ғур қизга яқинлашди. — Сен мен ҳақимда эшитгансан-ку! Ғур қизнинг юзларига оҳиста бармоқларини текизди. Тамара ундан ўзини олиб қочмасликка ҳаракат қиларди. — Акаларинг уйга мен ҳақимда ғийбат қилиб келишгандир? Қизнинг юраги борган сари қаттиқ уриб кетди. — Отамнинг айтишича, сен энди меникисан, жонгинам. Сен билан нимани хоҳласам, шуни қилишим мумкин. Менга эслатиб қўй — унга миннатдорчилик билдириб қўяй. У қизни энгагидан тутди. Ғурнинг кўзлари совуқ ялтираб, Тамарага чиябўрининг ой ёруғидаги кўзларини эслатди. Ғур эгилиб, қизнинг лабларидан ўпди. Шунда Тамаранинг вужуди титраб кетди. Ғур орқага тисарилди. — Эшитган миш-мишларингга ишонавер! — Бегим, сизга ёқишга ҳаракат қиламан. Қизнинг овози титраб, юзлари қизиб кетди. — О, жонгинам, ҳаракат қилишингга шубҳа қилмайман, лекин асло уддасидан чиқолмайсан. — У тиржайганда, оғзи қийшайиб тишлари кўринди. — Сен бунинг уддасидан чиқолмайсан! Никоҳнинг биринчи ҳафтасидан кейин бир кун ўтгандаёқ, Ғур нимани назарда тутганини Тамара тушуниб етди. Иккинчи боб Ғур билан Бурсабо шовқин солиб жанжаллашаётган эдилар. Тамара бу шовқинни эшитиб чўчиб тушди. Қоқ туш пайтидаги қуёш нури Тамаранинг орқасини илитиб турган бўлса ҳам, бадани музлаб кетди. Яҳудо, подани эплаб олайлик, деб тўнғич ўғлини ёрдамга чақирганди, лекин Ғур бошқа ишларни режалаштириб қўйган экан. Ғурнинг феъли оғир, жаҳлдор. Шу пайтларда заҳрини кимга сочишни билмай юрган эди. Хотини балогардон бўлди-қолди. Охир-оқибат ҳеч ким уларнинг жанжалларига аралашмайдиган бўлди. Тамара бошини кўтармасдан Бурсабо буюрган бир парча қаттиқ ерни чопишда давом этаверди. У, қанийди чумолидай кичкина бўлиб қолсаму дарров пана жойга кириб кетсам, деб ўртанар эди. Уйдан, аввалгидай, ўғилнинг дағдағали гаплари, онанинг шовқин солиб бераётган танбеҳи эшитиларди. Тамаранинг кўзларида қўрқувдан ёш пайдо бўлди. Тамара кўз ёшларини яшириш учун ердан катта тошни суғуриб чиқармоқчи бўлиб чўккалади. Кейин қаддини ростлаб, тошни яқиндаги тошлар уюмига ташлади. Хаёлида у, те-памда чарақлаб турган осмону фалакдаги баланд, мустаҳкам деворни қўряпман, деб ўйларди. У Ғур ҳақида ҳам, бу сафар унга нима қила олиши ҳақида ҳам ўйлагиси келмас эди. — Бурсабо Ғур устидан назоратни йўқотяпти, — деди Тамарадан бир неча қадам нарида ишлаётган Акса афсусланиб. — Хавотирга ўрин йўқ, Акса. Бу сўзлар Аксага жавоб беришдан кўра, ўзини тинчлантириш учун айтилган эди. Тамара ишини давом эттираверди. Бошқа нима ҳам қила олар эди?! Яҳудонинг уйида ўтган тўрт ой давомида Тамара имкон қадар, айниқса, эрининг кайфияти ёмон бўлган пайтда ундан қочишга кўникиб қолди. Бунинг устига, у қўрққанини яширадиган бўлди. Ҳатто унинг юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлиб, ичи оташ бўлиб ёнар, бадани музлаб кетар, аммо шунда ҳам у қўрққанини билдирмасликка ҳаракат қиларди. Чунки Ғур хотинининг қўрққанини кўрганда, завқланарди. Қиз қўрққан пайтда, Ғур ўзини бахтиёр ҳисобларди. — Афсус, бу ерда Яҳудо йўқ-да, — деди Акса. Унинг нафратланаётгани овозидан шундоққина билиниб турарди. — Албат-та, у бу ерда ҳеч қачон бўлмайди, — дея у кетмони билан кат-тиқ ерга урди. — Менга таъна қилмасинлар, деб у бу ерга келмайди.. Тамара чурқ этмади. Унинг мияси ишлар эдию аммо талваса ичида чора ахтарарди, топишга эса ақли етмасди. Эҳ, Яҳудо эрта кетиб қолмасдан, Ғурни ўзи билан олиб кетганда эди! Яҳудо эса олдин ўзи кетиб кейин, Ғурни олиб кел, деб хизматкорини жўнатди. Яҳудо уйда бўлган пайтда Ғур Тамарага яхши муомала қиларди. Яҳудо уйда бўлмаганда эса Ғур ўзидан кетарди. Ҳамма жанжаллар Яҳудо оилада ҳукмронлигини мустаҳкам ўрната олмаганидан келиб чиқар эди. Шундай пайтларда Яҳудо тор уйдан кўра тепаликлар, кенг да-лаларни афзал кўрарди. Тамара уни айбламасди. «Жанжалкаш хотиним, жаҳлдор, гап уқмас ўғилларимдан кўра, ювош қўй-эчкиларим билан бирга бўлганим яхшироқ», деб ўйларди. Айрим пайтларда Ғур ва Ўнан ўзларини шундай тутардиларки, гўё бир-бирига занжир билан боғланиб, битта қафасга ташланган йиртқич ҳайвонларга ўхшар эдилар. Яҳудо кўнгилсизликлардан қочиб кета оларди, айни пайтда жавобгарликни ҳам бўйнидан соқит қила оларди. Тамара эса кундан-кунга ортиб бораётган таҳликада яшаши шарт эди. Уйда оғир бир нарсанинг шарақлаб тушганидан Тамара чўчиб тушди. Бурсабо нафрат билан қичқирди. Ғур сўкиниш билан жавоб қайтарди. Яна бир сопол идиш деворга урилди. Эшикдан тунука коса учиб чиқиб, ерда сакраб думалаб кетди. — Бугун уйга борма, Тамара, — деди секин Акса. Тамара ўгирилиб узоқдаги тепаликларга суқланди, орқасида эса жанжал авж оларди. Қўллари титраб, юзидаги терни артди. Кўзла-рини юмиб, чуқур нафас олди. Балки бу сафар Яҳудонинг буйруғи етарли бўлармиди. — Ҳар қандай вазиятда ҳам Бурсабо ғолиб бўлиб қолаверади, — қайғу билан эътироф этди Акса. У жаҳл билан қаттиқ, заранг ерга кетмон урди. — Агар бақириқ-чақириқлар ёрдам бермаса, у тумтайиб юради. Аммо ҳақини қўймайди. Тамара Аксанинг гапларига эътибор бермас, яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қиларди. У сингиллари ҳақида ўйлар эди. Улар бўлар-бўлмас нарсага уришишардию хурсандчилик билан вақтларини ўтказар эдилар. Улар бир-бирларини зериктирмаслик учун иш пайтида кўшиқ куйлашарди, ҳар хил ҳикоялар айтишарди — Та-мара ана шуларни эслади. Отасининг феъл-атвори ҳам ҳамма эркакларникига ўхшарди. Акалари ҳам жанжаллашишарди. Лекин унинг ўтмиши шундай кечдики, Яҳудонинг уйида мавжуд бўлган ҳукмрон вазиятга у асло тайёр эмас эди. Тамара ҳар тонг янги умидлар билан уйғонарди — бу кунни яна йўқотиш учун уйғонарди, холос. — Акса, агар бу ерда менинг қандайдир ўрним бўлса эди, ақалли кичкинагина эътиборим бўлганда эди…, — ўзига ўзи шафқат қилмай гапирди у. — Ўғил туғсанг, ҳаммасига эришасан. Ўғил! Тамаранинг юраги бу орзудан ҳаприқиб кетди. У фарзанд кўришни ҳаммадан ҳам кўпроқ хоҳларди. Ҳаттоки эрининг хоҳиши-дан ҳам — ўғил кўриш нияти эрининг ғурури, уйининг гуллаб-яшнаши учун бўлган орзуси эди. Тамарадаги энг устун хоҳиш шу эди. Ўғил туғилса, Тамаранинг бу хонадондаги ўрни мустаҳкам бўлади. Қўлида бола билан у ўзини ёлғиз ҳис қилмайди. У ўғлини яхши кўради, ўзи билан бирга доимо олиб юради, ўғли ҳам уни яхши кўради. Балки ўғил Ғурнинг қўлини ҳам, кўнглини ҳам юмшатган бўлармиди. Тамара Бурсабонинг таҳқиромуз гапларини эслади»: Агар ўғлимнинг умидини пучга чиқарсанг, у сени баттар дўппослайди! У нимани хоҳласа, ўшани қил, балки шунда сенга яхшироқ муносабатда бўлар!» Тамара ўзига нисбатан раҳм-шафқат устидан ғолиб келиб, кўз ёшларини тийди. Ўзига раҳм-шафқат қилгандан нима фойда?! У фақатгина ўзининг жасоратини сусайтиради, холос. Тамара хоҳлай-дими, йўқми — шу оиланинг аъзоси. У ҳис-туйғуларига эрк бермаслиги керак. Тамара яхши билади — Бурсабо танбеҳ беришни яхши кўради. Бирон кун йўқки, қайнонаси Тамаранинг юрагини зада қилиш учун ҳар хил баҳоналар топмаган бўлсин. — Тамара, яна бир ой ўтиб кетди, лекин ҳомиладор бўлмадинг-ку! Мен тўйдан кейин бир ҳафта ўтгандаёқ ҳомиладор бўлган эдим! Тамара Ғурнинг жаҳлини чиқармаслик учун чурқ дея олмас эди. Агар қилаётган иши ёш эрига ва қайнонасига ёқмаса, ўзини қандай ҳимоя қила оларди?! Энди улардан бирор мулойим гап эшитишга ёки ҳамдардлик билдиришларига Тамара умид қилмай қўйди. Чамаси, ҳурмат, қариндошлик ҳис-туйғулари оилада йўқ эди. Акс ҳолда Бурсабо Яҳудонинг буйруқларига Ғурни бўйсундириш учун турли хил дўқ-пўписаларни қўлламаган бўларди. — Бас, деяпман! — ночор оҳангда бақирди Ғур. У онаси билан бўлаётган жанжалга Тамаранинг диққатини тортди. — Етар! Отамнинг олдига кетаман! Сизнинг айбловларингиздан қутулиш учун ҳам бошим оққан томонга кетаман! У шиддат билан уйдан чиқиб кетди. — Қўйларни шунақангги ёмон кўраманки! Қанийди имкони бўлганда ҳаммасини қириб ташлаган бўлар эдим! Эшик олдида Бурсабо пайдо бўлди. У кўкрагини ғоз қилиб, қўлларини белига қўйиб турарди. — Унда сенинг ниманг бўлади? — Мендами? Қўйларнинг гўшти ва териси эвазига пул бўлар эди! Мана, менда нима бўлар эди! — Бир ҳафтада ҳамма пулни совурган бўлардинг! Кейин-чи? Мен шунақа аҳмоқни тарбияладимми-а? Ғур онасини сўкиб, имо-ишора билан ҳақоратлади-да, ўгирилиб, катта-катта қадам ташлаб нари кетди. Тамара нафасини ичига ютиб, эрини кузатиб турарди, Ғур Хезивга тескари томонга йўл олди. Тамара шу пайтда эрининг зулмидан бир неча кун холи бўлишни жуда-жуда хоҳлар эди. — Менимча, Бурсабо бу жангда ҳам ғолибликни бой бермади, — деди Акса. — Лекин бу яна такрорланаверади, — маъюс ҳолда қўшиб қўйди у. Тамара жилмайди, енгил тортиб юмушини қайтадан бошлади. — Ҳар кунги ташвиш ўша куннинг ўзи учун етарли, Акса. Мен эртанги ташвиш билан ўзимни ўзим қийнагим келмаяпти. — Тамара! — бақириб Бурсабо уйдан чиқди. — Агар бекорчи гапларга ортиқча вақтинг бўлса, тўзиб ётган уйни йиғиштириш учун ҳам етади! Бурсабо шундай деб уйга кириб кетди. — Уйда икковлари роса тўс-тўполон қилди, энди сенга, уйни тартибга келтир, деяпти-да, — деди нафрат билан Акса. — Секинроқ, бундан баттар кўнгилсизликларни келтириб чиқармагин, тағин. Бурсабо яна пайдо бўлди. — Боғдаги ишни Акса охиригача қилади. Сен ҳозироқ уйга кир! Бурсабо эшик ортида ғойиб бўлди. Тамара, у ер-бу ерда идиш синиқлар бўлса, босиб олмай, деб эҳтиёткорлик билан полдан юрди. Бурсабо эса бузуқ чарх устида хўмрайганича ўтирар эди. Тамар чўк тушганича, жун ёпинчиққа кўзанинг синиқларини тера бошлади. — Яҳудо ўйлаб чиқарган жанжалидан кўнгли тўлар энди! — деди жаҳл билан Бурсабо. — У ўйлаган эдики, хотини Ғурнинг феъл-атворини тўғри йўлга солади, деб! «Бўлиб ўтган воқеаларда сен айбдорсан», дегандек ғазаб билан Тамарага қаради. — Ғур аввалгидан ҳам итфеъл бўлиб кетди! Сен ўғлимни меҳрибон эмас, баджаҳл қилиб қўйдинг! Тамара кўз ёшларини тутиб, ўзини оқлаёлмай тураверди. Бурсабо қарғаниб, вайсаб, тикув дастгоҳига қўл теккизди. Дастгоҳнинг сопи синган, гилам тўқийдиган иплари эса чувалашиб кетган эди. Бу аҳволни кўрдию қўллари билан юзини беркитиб, йиғлаб юборди. Тамара бундай ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлганидан ҳайрон эди. У Бурсабонинг аламли кўз ёшларини кўп кўрган эди. Биринчи марта шундай ҳодиса содир бўлганда, у қайнонасининг олдига келиб, юпатмоққа ҳаракат қилганди. Лекин бунинг эвазига қаттиқ тарсаки, даккилар эшитганди, холос. Энди бўлса Тамара нигоҳини олиб қочганича, бир четда турарди. Наҳотки, Бурсабо сўқир, оиласига нима қилиб қўйганини тушунмаса?! У ҳар доим ўғлини отасига, отасини ўғлига қарши қилар эди. У ҳар хил баҳоналар ўйлаб топиб, ўғилларининг кўз олдида Яҳудо билан тортишар эди. Бу аҳвол эса ўз навбатида ўғилларни итоатсизликка, мақсадларига эришмоққа ўргатарди. Лекин бу мақсад оиланинг тинчлиги учун заррача хизмат қилмасди. Ҳа, қайнонасининг бунчалар бахтсизлигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади! У билан бирга ҳамма бахтсиз эди. — Яҳудога қолса, Ғур фақат қўйларни ўйласа, — дея Бурсабо дастгоҳни яна бўлак-бўлак қилиб, қисмларини жой-жойига қўйди. — Биласанми, нега? Чунки эрим бир йилдан ортиқ отасидан узоқда бўла олмайди! У бориб нотавон чол нима қилаётганини кўриб келиши керак. Сен уни уйга қайтганда кузатгин. У кун бўйи бир нималар ҳақида хаёл суради, ҳеч ким билан гаплашишни истамайди, ҳеч нима егиси келмайди. Кейин ичиб олади-да, Ёқуб билан кўришганда, ҳар гал гапирадиган бемаъни гапларини такрорлайверади. Бурсабо юзини буриштириб: «Худонинг қўли менда!» дея эрининг жиғига тегарди: Тамара бошини кўтариб, қайнонасига қаради. Бурсабо ўрнидан турди-да, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. — Шунчалик эси паст одам бўладими?! Товба, йўқ Худога ҳам ишонади-я! — Балки У бордир? Бурсабо унга ёмон қараш қилди. — Бўлса, қани ўша Худо? Ўша Худонинг яшайдиган жойи борми? Унга хизмат қиладиган руҳонийларнинг яшайдиган ибодатхонаси борми? Э, Унинг ҳатто чодири ҳам йўқ! — У такаббурланиб бошини кўтарди. — У Канъон худоларига ўхшамайди! — У хонасига келиб, эшигини ланг очди. — Ўша Худо бу худоларга ўхшай олмайди! — У ҳурмат-эҳтиром билан қўлини ўзининг терафими томонга чўзди. — Ўша Худони кўра олмайсан. — У қўлини ҳайкалчага текизди. — Ўша Худога қўл текиза ҳам олмайсан. Мана бу худолар эса бизда кучли эҳтиросни алангалатади, еримизни серҳосил, аёлларимизни серпушт қилади. — Бурсабонинг кўзлари совуқ ялтиради. — Агар сен ҳам катта ҳурмат-эҳтиром билан унга ибодат қилганингда эди, ҳозиргача қорнинг бўш бўлмаган бўларди. Бурсабонинг найзаси бу сафар чуқур ботиб кира олишига Тамара йўл қўймади. — Садўм ва Ғамўрани вайрон қилишга сабаб бўлган Яҳудонинг худолари эмасми?! Бурсабо киноя билан деди: — Ҳа, кимлардир шундай деяпти, лекин мен ишонмайман. Бу сўзлар бахтсизлик олиб кираётгандай Бурсабо хонасининг эшигини маҳкам ёпди, орқасига қайрилиб, қовоғини уйган ҳолда Тамарага қаради. — Сиз ўғилларингизни, шаҳарларни вайрон қилаётган Худога таъзим қилинглар, деб тарбиялайсизми? — Агар Яҳудо буни хоҳласа. — Яҳудо, — деб Бурсабо бошини бурди, — эрим отасининг Худосига бирон марта таъзим қилганини кўрганмисан? Мен ҳеч қачон кўрмаганман. Шундай экан, нега унинг ўғиллари ва мен унинг Худосига таъзим қилишимиз керак?! Сен Ғур танлаган эътиқод бўйича ўғилларингни тарбиялайсан. Мен ҳеч қачон кўринмас Худо олдида таъзим қилмайман! Мен ҳеч қачон канъонлик худоларга хиёнат қилмайман, сенга ҳам, ўша худоларга содиқ бўл, деб маслаҳат бераман. Агар сенинг фойдангга нима хизмат қилишини билмасанг… Қайнонасининг гапида дўқ-пўписа сезилиб турарди. Бурсабо девор ёнидаги юмшоқ тўшакка ўтирди, совуққина тиржайди. — Гоҳ-гоҳ, ибронийлар Худосига сажда қиламан, деган хаёлга боришингни Ғур билиб қолса, унга ёқмаслиги тайин, — дея Бур-сабонинг кўзлари қисилди. — Менинг ўйлашимча, ҳамма бахтсизликларимиз сен туфайли бўляпти. Ўзини нималар кутиб турганини Тамара биларди. Ғур уйга қайтгандан кейин Бурсабо унни оилада бўлиб эътиқод можароларидан хабардор қилади. Бурсабога жанжалларнинг сабабчиси бўлиш хуш келарди. Тамара тупроқ полга синиқ парчаларни улоқтириб юборгиси, қайнонасига: «Оиламни шахсан ўзингиз бузяпсиз!» деб айтгиси келди. Лекин Бурсабо Тамарани кузатиб турарди, Тамара ғазабини босиб, ишини давом эттирди. — Худо мени уч ўғил билан сийлади. Мен меҳрибон она бўлиб, Худодан қўрқадиган қилиб тарбияладим. «Ўзингдан баттар ялқов, ўзбошимча ўғилларингни», деб айтгиси келди Тамара, лекин тилини тийди. Қайнонаси билан жангда у ғолибликни қўлга киритолмаслиги аниқ эди. Бурсабо эгилди, бир бош узум сиғадиган тўнтарилган патнисни кўтарди. Кейин яна пастга туширди. — Сен Аштаретга тез-тез илтижо қилиб сажда қилсанг, Баалга сахийлик билан қурбонликлар қилсанг бўларди. Эҳтимол ўшанда худолар бачадонингни очиб юборармиди. Тамара бошини кўтарди. — Мен Аштаретни ҳам, Баални ҳам биламан. Отам билан онам катта опамни Тамнадаги ибодатхонанинг руҳонийси хизматига беришган. У ҳеч қачон ота-онасининг худоларини қабул қила олмаслигини, опасига ҳамма аёллардан кўра кўпроқ ачинишини айтмади. Бир куни Тамнада байрамга борган эдилар. Тамара опасининг бир руҳоний билан қурбонгоҳнинг супачасида жирканч фаҳш иш қилаётганларини кўриб қолган эди. Бу диний маросим Баалга аталган бўлиб, шундай қилсак, ерга баҳор қайтади, деган ақидани билдирар эди. Бироқ бу саҳна шу ерда томоша қилиб турган оломонда ҳам, Тамарада ҳам ниҳоятда қаҳр-ғазабни янада кучайтирган, қўрқув, жирканч ҳиссини келтириб чиқарди. Тамара эшик олдига келди, бурчакка тиқилиб, кейин қочиб кетди. У Тамна ибодатхонасидан ташқарига чиққунча тўхтамасдан югурди. У зайтун боғига беркинди, кечгача ўша ерда қолди. Кечқурун онаси ўша ердан топиб олиб кетди. — Сен унчалик тақводор эмассан, — ўтакетган расмиятчилик билан деди Бурсабо. «Ҳа, унчалик тақводор эмасман», деди ўзига ўзи Тамара. У Худога чин юракдан ишонмагунча тақводор бўла олмаслигини биларди. Ўзининг назарида Худо уни онгдан маҳрум этган эди. Худоларга илтижо қилганда, ҳар бир ҳаракати унда ғалати ҳис-туйғуни, уятдан жирканишни келтириб чиқарарди. Бурсабо ўрнидан туриб, тикув дастгоҳига яқинлашди. У чувалашиб кетган ипларни тартибга келтирмоқчи бўлди. — Агар чинакам тақводор бўлганингда эди, аллақачон болангни бағрингга босиб юрган бўлар эдинг. «Хўп гап билан узиб олдимми, қани, сўзларим унга қандай таъсир қилди экан», деб Бурсабо Тамарага нигоҳини ташлади. — Худоларнинг сендан жаҳли чиққан кўринади, шундай эмасми?! — Бўлиши мумкин, — дея Тамара алам билан айбини тан олиб, чекинди. Бурсабонинг терафимлари сополдан, тош ва ёғочдан ясалган бутлардан бошқа нарса эмас эди. Тамара Бурсабодан фарқли равишда, уларга эътиқод қилмас, қайнонаси сингари жон куйдириб сажда қилишни ўзига эп кўрмасди. О, Тамара бутларга кутилгандай илтижо қиларди. Лекин унинг сўзлари кучдан, мазмундан маҳрум қилинган эди. У юракка таъсир этиб, онгни ишонтирмасди. Агар Канъонликларнинг худолари шунчалик кучли бўлса, нимага Садўм ва Ғамўра аҳолисини қутқариб қолмади, уларни ҳимоя қилмади? Агар чиндан ҳам ўша бутлар худо бўлсалар, битта Худодан кўра бир қанча худолар кучли бўлиши керак-ку! Лекин улар фақат инсон қўли билан яратилган тош, лой ва ёғоч эди, холос! Улар ҳақиқий худо эмасликлари аниқ. Тамаранинг юраги ҳапқириб кетди. Унинг атрофидаги дунё — осмон, ер, шамол ва ёмғир Кимдир борлигидан далолат берарди. Балки Яҳудонинг Худоси ана шу Кимдир бўлса керак? Душманлардан қалқон, бўрондан бошпана, ундан ҳам кучлироқ қалъа… О, Тамара буни билишни қанчалар хоҳлар эди! Бироқ у сўрашга ботинолмас эди. Бурсабо бундай саволлар билан Яҳудони безор қилган, аммо унинг нима ҳақи бор эди бундай саволлар билан? Ахир, Яҳудони хавотирга солган бошқа нарсалар кўндаланг турибди-ку! Қачонлардир Яҳудонинг Худоси ҳақида сўрашга вақт ҳам, имконият ҳам бўлар. Яҳудо ишонадиган ва таъзим қиладиган Худо қандайдир аломат кўрсатишини Тамара кўришни истар, шунга умид қилар эди. * * * Яҳудо билан Ғур беш кундан кейин қайтиб келишди. Уйга кирмаслариданоқ улар жанжаллашаётганларини Тамара эшитди. Бурсабо ҳам бу жанжални эшитиб, оғир хўрсинди. — Бориб эчкини соғиб кел, Тамара, энагангга айт, нон ёпсин. Балки эркаклар овқатланишса, кайфиятлари яхши бўлар. Тамара кўзада янги соғилган эчки сутини кўтариб қайтиб кел-ди. Яҳудо юмшоқ тўшакда ёнбошлаб ётарди. У кўзларини юмиб ётар, аммо ухламаган. Тамар буни сезди. Яҳудонинг юзи асабийлашганидан дарак берарди. Бурсабо эрининг ёнига ўтириб, ғазаб билан тикилиб турарди. Бурсабо яна эрининг жаҳлини чиқарган кўринади. Эри ҳам қўлидан келганини қилди — ундан ажралди. — Беш кун-а, Яҳудо, беш кун! Сен у ерда шунча узоқ қолишинг керакмиди?! — Сен ҳам мен билан бирга боришинг мумкин эди. — Мен у ерда нима қилар эдим? Ака-укаларингнинг хотинлари гап сотганда, эшитиб ўтирармидим? Улар билан менинг нима алоқам бор? Қолаверса, онанг билан ит-мушукмиз-ку! Бурсабо инжиқ болага ўхшаб минғиллар, шикоят қиларди. Тамара Ғурга сут таклиф қилди. — Шароб, — деди у қўли билан кескин ҳаракат қилиб. Унинг кайфияти ёмон эди. — Шароб ичгим келяпти! — Мен эса сут ичаман, — деди Яҳудо, кўзларини қия очиб, Тамарага қаради. Бурсабо бошини кўтарди: — Ҳой! Менга сутни бер. Мен эримга хизмат қиламан. Сен эса ўғлимга хизмат қил! Бурсабо кўзани олиб, пиёлага озгина сут қуйди ва Яҳудога жаҳл билан узатди. Кейинги сафар ўзига-ўзи хизмат кўрсатиши учун кўзани унинг олдига қўйди. Тамара Ғурга шароб олиб келганда Бурсабо ҳали ҳам Яҳудонинг миясини қоқиб қўлига бераётган эди. — Яҳудо, отангни кўриб келганингдан нима фойда бўлди? Бирор нима ўзгардими? Сен ҳар доим уйга бахтиқаро бўлиб қайтасан. Ёқубнинг ўзи иккинчи хотини билан ўғлига аза тутаверсин. Уни унут энди! Ҳар гал уни кўриб келганингдан кейин сен ҳаётимни заҳарлайсан! — Мен отамни ёлғиз қолдиролмайман, — деди Яҳудо тишларини ғачирлатиб. — Нимага? У сени ёлғиз қолдирди-ку? Шу чол ҳам ўлмади — биз қутулмадик-да… — Бас! — деб бақирди Яҳудо. Ғазаб эмас, оғриқ Яҳудони бақиришга мажбур қилганини Тамара кўриб турарди. Яҳудо афтини бужмайтириб, қўллари билан сочларини ушлаб, сочларини орқага силади. — Бурсабо, бир марта бўлса ҳам, тилингни тийиб тур! — Яҳудо бошини кўтариб, Бурсабога ғазаб билан қаради. — Яхшиси, мени ёлғиз қолдир! — Қандай қилиб мен билан бундай оҳангда гаплашишга ҳаддинг сиғди? — дея Бурсабо жаҳл билан йиғлаб юборди. — Мен ўғилларингнинг онасиман! Учта ўғлингнинг онасиман! — Учта такасалтанг ўғилнинг! Тамаранинг юраги орқасига тортиб кетди. У, ҳозир Яҳудо бирон гап айтади-ю, Ғур ғазабга минади, деб қўрқар эди. Отаси борлигида Ғур ўзини тутиб туради, кейин эса ҳамма заҳрини Тамарага сочади. Тамара унга тўхташи учун, кетиши учун, ҳеч бўлмаса озгина тоза онгни ўзи пайдо қилиш учун бақиргиси келмагунча, Бурсабо тўхтамай гапираверди. Бахтга қарши, Бурсабо шахдам қадам ташлаб хонадан чиқди, хонага сукунат чўкди. Иккала эркакка хизмат қилиш учун Тамара ёлғиз ўзи қолди. Хонадаги таранг вазият уни қўрқитарди. У яна Ғурнинг пиёласини шароб билан тўлдирди. Ғур бўлса пиёласини бир зумда қуритди, пиёлани хотинига узатди. Тамара яна пиёлани тўлдиришдан олдин Яҳудога дарров кўз қирини ташлади. Ғур қовоғини солиб, аввал Тамарага, кейин отасига қаради. — Тўрт-беш кун подага Ўнан билан Шило қараб турсин. Мен дўстларимни кўриб келай. Яҳудо секин бошини кўтариб, ўғлига қаради: — Сенми? Гапнинг оҳанги паст, нигоҳ оғир эди. Ғур гап оҳангини ўзгартирди. У пиёлага бар қаради-ю дарров қуритди. — Албатта, сизнинг рухсатингиз билан. Яҳудо Тамарага тикилиб қаради, дарров ундан нигоҳини олди. — Бор. Лекин бу сафар жанжал чиқарма. Ғурнинг юз мушаклари таранглашди: — Мен ҳеч қачон жанжал бошламайман. — Албатта, сен бошламайсан, — кулгу билан деди Яҳудо. Ғур ўрнидан туриб Тамарага яқинлашди. Тамара одатдагидай орқага тисарилди. Аммо Ғур унинг қўлидан қаттиқ ушлаб, ўзига тортди. — Гўзалим, мен сени соғинаман. Ғурнинг гап оҳанги унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Ғурнинг бармоқлари Тамаранинг баданига ботиб оғритди. Ғур қўлларини Тамаранинг белларидан олиб, юзидан чимчилади: — Қайғурма. Узоқ вақтга кетаётганим йўқ! Ғур кетди, Яҳудо енгил нафас олди. У Тамаранинг шу ердалигини сезмас эди. Худди боши оғригандек эгилиб, бошини қўллари орасига олиб сиқди. Тамара чўкка тушиб ўтирар, энди боравер, деб Яҳудо кетишга рухсат беришини кутарди. Яҳудо ҳамон жим. Акса нон олиб келди, Тамара ўрнидан туриб, унинг қўлидаги нон солинган кичкина саватни олди, «шу ерда тур» дегандай эшик олдида ўтиришга имо қилди. Тартибга риоя қилиш керак-да. — Хўжам, Акса нон ёпган эди. Тамара жавобни кутмасдан, нонни синдириб, қайнотасининг ол-дига бир тўғрам қўйди. Кейин пиёлага сут қуйди, идишдан бир бош узум олди, узум данакларини олиб ташлаб, ейиш учун доналарга ажратди. — Яҳудо, отангиз соғ-саломатми? — Ўғлидан айрилиб, аза тутаётган одамдан нимани кутиш мумкин, — қайғу билан деди Яҳудо. — Укаларингиздан бирортаси ўлганми? Яҳудо бошини кўтариб, Тамарага қаради. — Аллақачон. Сен туғилмасдан олдин. — У ҳозиргача аза тутяптими? — ҳайрон бўлиб сўради у. — Ўлгунча ўша ўғлига аза тутади. Тамара ҳеч қачон бундай аза тўғрисида эшитмаган эди. У Яҳудога ачинар, қандай қилиб уни қайғули хотираларидан чалғитишни билмас эди. Яҳудонинг чеҳраси сал очилгандай бўлди. Тамарани диққат билан кузатди. Айниқса, Яҳудонинг қаттиқ нигоҳи Тамарани уялтириб юборди. — Ғур юзингни чандиқ қилиб қўйибди. Тамара дарров юзини беркитиб, тескари қаради. — Ҳечқиси йўқ. У ҳеч қачон ҳеч кимга, Ғур менга ёмон муносабатда бўлади, деб айтмаган эди. Ҳатто Акса сўраганда ҳам, эримга хиёнат қилмайман, дея ҳаракат қилиб у сукут сақлаганди. — Сиз укангиз учун қайғуряпсизми? — Мен, қандай қилиб ўлган экан, деб қайғуряпман. Яҳудонинг кўзлари еб қўйгудай бўлиб тикилди. — Уни йиртқич тилка-пора қилган эди. Ундан қонга бўялган кийимидан бошқа ҳеч нарса қолмади. Яҳудонинг гаплари худди кўп марта такрорлайверганидан жонига тегаётгандек жарангларди. Тамара қошларини чимирди, гўё унинг юзи ғашини келтираётгандек бўлиб кўринди. — Сен гапимга ишонмаяпсанми? — Нимага ишонмаслигим керак?! — Тамара Яҳудонинг жаҳлини чиқармоқчи эмасди. — Мен оилам ҳақида кўпроқ билишни истардим. — Оиланг ҳақида? Яҳудо истеҳзо билан лабларини қийшайтирди. Тамаранинг юзлари ловуллаб кетди. Яҳудо уни ҳам оиласидан чиқариб юбормоқчи эканлигини айтмоқчи бўляптими? Энди Тамара хафа бўлиш ўрнига, ғазабланди. Наҳотки мана шу одам Тамарани уйига олиб келган, ўғли учун ўзи танлаган Яҳудо бўлса?! Аммо у Тамарага қараганда ҳақ. — Хўжам, сиз мени олиб келган мана шу оила, агар рухсат беришса, мен хизмат қилишни истаётган оила. — Агар Худога хуш келса… Яҳудонинг учбурчак оғзи тўғирланди. У бир тишлам нон олиб, оғзига солди. — Сиз менга ҳеч нарса айтгингиз келмаяптими? — деди секин Тамара. Унинг бардоши тугаган эди. — Нимани билгинг келяпти? — Ҳаммасини. Айниқса, сизнинг Худойинг ҳақида. У қаерда яшайди? Унинг исми ким? Унга қандай сажда қиласиз? У, отам уқтиргандай, зоҳир бўлмайдими? Унинг борлигини қаердан биласиз? Яҳудо орқасига суянди: — Ўйлабманки, сен отам, укаларим ҳақида билишни истайсан деб. — Эшитишимча, сизнинг Худойингиз ҳозирги Мур водийсидаги ўрмонда гуноҳга ботган шаҳарларни вайрон қилган экан. — Бу рост, — Яҳудо нигоҳини олиб қочди. — Фаришта Иброҳимга, агар аҳоли орасида ўнта тақводор топилса, бу шаҳарларни вайрон қилмайман, деб айтган. Иброҳим осмондан тушган олов ва олтингугуртни ўз кўзлари билан кўрган экан. — У тантана билан Тамарага қаради. — Худойимни эшитишинг ёки кўришинг мумкин эмаслиги шарт эмас. У бор … — Бор… нима? — Шунчаки… бор. Саволларинг билан мени безор қилма. Сен канъонликсан. Бурсабонинг хонасига бор, у ердан бирорта бутни олиб, ўша бутга сажда қилавер! — деди Яҳудо кулгу билан. Яҳудонинг кўзлари ёшланиб, кўзлари ачишиб кетди. — Бу уйнинг каттаси сизсиз. Яҳудо қизарди, лабларини тишлади. Афтини буриштириб Тамарага қаради, кейин қовоғини солиб, осойишталик билан гапирди: — Ёқубнинг Худоси булоқларни тошга айлантиради. Битта амри билан инсоннинг бутун ҳаётини вайрон қилиб ташлайди. Яҳудонинг боқишлари ғамгин эди. — У қаерда яшайди? — Қаерда хоҳласа ўша ерда. Ҳамма ерда, — Яҳудо елкаларини қисди. — Ўзим тушунмаган нарсани бировга тушунтириб бера олмайман, — дея узоққа тикилди. — Айрим ҳолларда мен ҳам билишни истайман… — Сизнинг халқингиз ўша Худони қандай билган? — Худо Иброҳим ва менинг отам билан гаплашган. — Худди сиз билан мен гаплашгандайми? Нега қудратли Худо оддий одамлар билан гаплашишгача бориб паст кетди? — Билмайман. Иброҳим Худони биринчи марта эшитганда, У овоз эди, холос. Лекин унга қулай бўлган пайтда, хоҳлаган кўринишда Худо пайдо бўлади. У Иброҳим билан юзма-юз гаплашган. Менинг отам Худодан дуони тортиб олган. Худонинг фариштаси отамнинг оёқларига қўлини теккизиб, отамни бир умрга ногирон қилиб қўйди. Айрим пайтларда отам Худо билан тушларида гаплашади. Энди Яҳудо қаттиқ ташвишлана бошлади. — У сиз билан гаплашганми? — Йўқ, лекин мен умид қиляпман, Худо мен билан ҳеч қачон гаплашмайди. — Нимага? — У менга нима дейишини биламан. Яҳудо оғир хўрсиниб, патнисга нонни қўйди-да, ёстиққа суянди. — Ҳар бир Худо қурбонлик талаб қилади. Сизнинг Худойинг қандай қурбонлик талаб қилади? — Итоаткорликни, — дея Яҳудо қўлини силкитди. — Мендан энди ҳеч нарса сўрама. Мени ёлғиз қолдир! Қизариб кетган Тамара минғирлаб кечирим сўради. У савол беравериб, Яҳудонинг жонига текканда, Бурсабодан яхши эмас эди. Тамара бу қилмишидан уялиб кетди, кетишга қарор килди. — Бурсабога айтайми, унинг бирон хизмати керакми сизга? — Унинг хизматидан кўра, мени чаён чаққани яхши. Ёлғиз қолгим келяпти. Тамаранинг орқасидан хонадан Акса чиқди. — Сен унга жаҳлини чиқарадиган бирон гап айтдингми? — Шунчаки бир неча саволлар бердим. — Қандай саволлар? — Шунчаки бир неча савол, Акса. Бу сенга умуман тааллуқли эмас. Тамара Яҳудонинг Худоси ҳақида билиш учун ҳаракат қилганини Акса, барибир, тушунмайди. Энагаси ҳам Бурсабо, унинг ўғиллари, Тамаранинг онаси, акалари ва сингиллари сажда қиладиган худога сажда қиларди. Нега Тамара бошқача бўлиб қолди? Нега у керагидан ортиғини кутяпти? — Сен қилаётган ҳамма нарсанг мени қизиқтиради, — норозилигини очиқчасига намоён қилди Акса. — Сенинг энагангманми ёки йўқми? — Бугун мен энагага муҳтож эмасман! Тамара Аксага, мени Яҳудонинг Худоси қизиқтириб қолди, деб айта олмади. Тамара тошдан, ёғочдан ва лойдан ясалган худоларга сиғинадиган одамлар орасида яшаб, муғомбирлик қиларди. Отаси ва онасининг худолари оғзи бор эди-ю лекин у худолар ҳеч қачон гапирмаган. Уларнинг кўзлари бор, лекин улар кўра олармикан? Уларнинг оёқлари бор эди, лекин улар ҳеч қачон юрмаган. Улар ўйлашни, ҳис қилишни, нафас олишни билишганмикан? У ҳақиқатни кўраётган эди: унга сиғинган одам ўша худолардек совуқ, қаҳрли бўлиб қолар эди, худди Бурсабо каби. Қачонлардир Шело ҳам шундай бўлиб қолади. Яҳудо бепарво, ҳиссиз одам эмас. Унинг юраги абгор бўлган. Тамара Яҳудонинг қайғуришини кўрди. Нимага унинг бу аҳволини бошқалар кўрмаган? Кимлардир уни севиши керак эди-ку! Хотини! Ўғиллари! Улар фақат ўзларини ўйлашади, холос! Яҳудий Яҳудо кучли инсон эди. Бироқ у жуда бахтсиз эканини, оғир ташвиш ичида яшаётганини Тамара кўриб турар эди. У ҳатто бир ўзи қолганда ҳам, унга бир дақиқа тиним йўқдек туюларди. Ҳамма нарсада ҳам ўзини ўйлайдиган мижғов хотинини, жанжалкаш ўғилларини айблаш мумкин эмас эди. Бошқа сабаблар бўлиши керак, янада чуқурроқ, қийинроқ. Агар Бурсабо унинг ташвишланиш сабабларини билганда эди, буларни ҳеч қачон ҳеч кимга айтмаган бўлар эди, шекилли. Фақат ҳар гал Яҳудо отасининг олдидан қайтиб келганда, чуқур ўйга чўмаверарди. Тамара шубҳаларини ечолмай хўрсинди. Яҳудонинг ғамгинлиги отасининг қайғулари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Қолаверса, марҳум укаси билан. * * * Яҳудо уйига тез қайтиб келишни ўзи ҳам хоҳламаган эди. Ундан кўра, подасининг олдига бориб, подасига қараш яхшироқ эди. Ғур отасининг йўқлигида гоҳида бепарво бўларди. Уч кундан кейин тўнғич ўғил ҳамма жавобгарликни Ўнаннинг бўйнига қўярди. Ғур чўпонга ўхшаб онгсиз ва фойдасиз эди. У қачонлардир ўзига улуш бўлиб тегадиган қўйларга бефарқ, қизиқмас эди. Бўрилар ҳимоясиз қўйларнинг қорнини ёраётганда, бир четда томоша қилиб турар, кейин ўзи ҳам шундай йиртқичга айланиб, бу йиртқичларни ҳайдар эди. Ғур жабрланган қурбонни ўзи ўлдириб, роҳатланарди. Кейин Ғур уни қовуриб ерди! Баъзида Яҳудо ўғилларига қараб хонадонининг тинчлиги учун қилган ҳаракатлари аксинча бўлиб чиқаётганини кўрарди. У Шимўн билан Левини кўрарди, ўзини кўрарди. Ва саҳронинг жазирамасида узоқлашиб, кўздан ғойиб бўлиб бораётган Юсуфни кўрар эди. Яҳудо: «Юсуф қочиб кета олади, ўзи қасосдан қочиб қутулади», деб ўйлаган эди. Баъзан канъонликлар даврасида у эски даврларни хотирлайди. Адулламлик дўсти Хирах ҳамма нарсага жавоб топарди»: Ол, е, иним, ич, ҳаётдан завқлан! Қаерда ҳис-туйғу авж олса, ўша ерда оловни ловуллатиб ёндир». Яҳудо оловни ловуллатар, иллатларга орзуманд эди, балки шу бемаънигарчиликлар сабабли тасалли топарман, деб умид қиларди. Кўпроқ ич, онгинг хиралашади. Уятсиз, беъмани қилиқларинг билан ухла, ҳиссиётларинг аста-секин виждонингни сўндиради. Юсуфга рашкингни, ғазабингни намоён қилган бўлсанг, нега энди ўзингни ерга урадиган ҳис-туйғуларга берилмайсан? Нега энди туғма сезгиларинг устингдан ҳукмронлик қилишига йул қўймайсан? Нега энди шаҳвоний нафсга ҳукмронлик бермайсан? У уятни ҳис қилмаслик учун, онгсизларча қаҳрли бўлиб қолишни хоҳлар эди. Балки шунда кичик укаси ҳақидаги хотиралар уни йўқламай қўяр. Лекин ҳеч нарса бу хотираларни ўчиролмас, оғриқларига малҳам бўла олмас эди. Хотиралар ҳамон Яҳудони қийнарди. Яҳудо тез-тез ёлғиз қолиб, осмонга саволомуз тикилиб: ўзига ўзи: «Юсуфга нима бўлди экан?» деган саволни берарди. Боланинг суяклари Мисрга кетаверишда тўкилиб қолдими ёки қандайдир тасодифий бахт туфайли соғ-омон қолдими? Агар соғ қолган бўлса, қуёш тиғида оғир иш бажараётган, келажакдан, орзулардан маҳрум бўлган қулдир балки? Яҳудонинг ҳаёти муҳим эмас — унинг ҳаёти сассиқ култепага ўхшайди. У қилмишининг оқибатидан қочиб қутулолмас эди. Укасини қидириб тополмайди, уни қутқаролмайди. Энди жуда кеч. Ҳаётини заҳарлаган гуноҳ билан олишиш учун жуда кеч. Шундай жирканч, кечириб бўлмас гуноҳ содир этганки, бу гуноҳ билан, кўнгли сиёҳ ҳолда, дўзахга равона бўлади. Ҳар гал отасини кўрганда, уни уят ҳисси қамраб олади. Афсус-надомат уни бўғади. У Ёқубнинг кўзларига қарай олмайди, чунки отасининг кўзида айтилмаган саволни ўқийди: «Аслида Дўтанда нима бўлган эди? Сен, ака-укаларинг суюкли ўғлимни нима қилган эдиларинг? Яҳудо, менга қачон ҳақиқатни айтасан?» Яҳудо ака-укаларининг қўрқувдан нафаслари ичига тушган нигоҳларини кўради. Улар, Яҳудо ҳақиқатни тан олиб, айтиб қўяди, деб қўрқадилар. Шунча йил ўтгандан сўнг энди унда олдинги ғазаб уйғоняпти. Рашк ўт оляпти! У бақириб, уятни улоқтириб ташлашни хоҳлаяпти: «Бизни яхши билар эдинг, нега болани олдимизга жўнатдинг? Биз уни қанчалик ёмон кўришимизни била туриб, нега қўлларимизга топширдинг? Шунчалик кўрмидинг?» Яна ҳар галгидек оғриқ бошланарди. Роҳила Ёқубнинг севимли хотини бўлгани учун Юсуфни яхши кўрарди. Юсуф отасининг меҳрини қозонди. Отасининг ҳамма айтганларини бажарар, бошқалар ўзи билан ўзи овора бўлганда, Юсуф отасининг кўнглига йўл топишга ҳаракат қиларди. Яҳудо ҳар сафар Юсуфни сотиб юборгани учун айбини бўйнидан соқит қилишга ҳаракат қилар, лекин гуноҳ яна Яҳудога елимдек ёпишар эди. Гуноҳ унга ёпишиб олди, ич-ичига сингиб кетди, қони ҳам қорайиб кетди. У айбдор, буни ўзи ҳам биларди! Энди эса Ғурнинг ёш хотини Яҳудонинг Худоси ҳақида сўраяпти. Яҳудо Худоси ҳақда гапиришни хоҳламайди. Яҳудо Худо ҳақида ўйлашниям хоҳламайди. Лекин яқин орада Яҳудо Худосини кўради. * * * Яҳудо хизматкорига: «Ўнан билан Шеланинг олдига бориб айт, подани уйга олиб келишсин», деб юборди. Кейин Бурсабога, зиёфат тайёрла, деб буюрди. — Нима муносабат билан? Янги ой ҳали чиқмади-ку. — Мен ўғилларимиз билан келажагимизни муҳокама қилмоқчиман. У чопонини олиб, тун қўйнига чиқди. Хира шамчироқдан, эзма хотинининг бақиришларидан кўра, қоронғуликни, тунда изғийдиган ҳайвонларнинг ва қушларнинг овозларини афзал кўрарди. Бурсабо унинг орқасидан чиқди. — Ўғиллар аллақачон ўзларининг келажагини белгилаб олган! Улар бу ҳақда жуда кўп гапиришган! — Мен билан муҳокама қилишмаган! Бурсабо кафти билан оғзини ёпди. — Яҳудо, уйимга яна қандай кулфатларни олиб келмоқчисан? Яҳудо тишларини ғичирлатди. — Баъзи нарсаларни аниқлаб олишим зарур. — Нимани? Бурсабо худди суякка ёпишган итга ўхшаб, қўйиб юборишни истамасди. — Сен ҳаммасини биз билан бирга билиб оласан. — Улар менинг ўғилларим! Мен сендан кўра уларни яхши биламан! Нима қилмоқчилигингни менга айт. Мен айтганларингни тайёрлашга ҳаракат қиламан! Яҳудо жаҳл билан унга қаради. — Ҳамма кулфат ҳам мана шунда-да. Мен сенга кўп эрк бериб юбордим, сен болаларни жувонмарг қилдинг. — Уларни мен жувонмарг қилдимми?!Улар худди сенинг ўзинг-ку! Қайсар, одобсиз, бир-бирлари билан тинимсиз уришади! Улар фақат ўзлари ҳақида ўйлайдилар! Яҳудо нари кетди. * * * Бу зиёфат бирон кор ҳол билан тугашини Тамара бошидан би-ларди. Тамара, Акса ва хизматкорлар зиёфатга тайёргарлик кўргунларича, Бурсабо кун бўйи меҳроб олдида хушбўй тутатқиларни тутатиб, ўзининг худоларига ибодат қилди. Қайнонанинг кайфияти ёмон эди, одатдагидан баттар жаҳли чиққани, кўнгли хуфтон эканлиги шундоққина афтидан билиниб турар эди. Тамара вазият чуқурлашини хоҳламасди. Шунинг учун Бурсабодан: «Яҳудо ўғилларини йиғиб, уларнинг келажаги ҳақида суҳбатлашмоқчи экан, нега сиз хавотирланяпсиз?» деб сўрамади. Ғур бўрдоқи қўйни олиб келди. Тамара бехосдан бир хизматкорнинг: «Ғур қўйни ўғирлаб келган», деган гапини эшитиб қолди. Лекин Бурсабо ўғлига ҳеч қандай савол бермади, аксинча: «Қўйни тезроқ сўйинглар, сихга тортиб пиширинглар!» деб буюрди. Нонлар ёпилиб саватларга терилди. Патнисларга мевалар, ёнғоқлар терилди. Бурсабо ҳамма кўзаларни шароб билан тўлдиришни буюрди. «Дўстона суҳбатларга сув билан сут ярашарди», деб ўйлади Тамара. Ғур шаробдан ўзини тияо олмасди. У албатта маст бўлиб қолгунча ичар эди. Бурсабо буни Тамарадан ҳам яхши биларди. Тамара кулиб гапга оғиз жуфтлади: — Лекин Бурсабо… — Ишингни қил! Бу уй меники, мен истагандек бўлади! — деди у оёқлари билан ёстиқларни тўғриларкан. — Яҳудо зиёфат уюштиришни буюрдими, тамом, айтганини қилмай қўймайди. Нима бўлса ҳам ўзи азобини тортади! Аёлнинг кўзида қайноқ ёшлар қалқиди. Яҳудонинг ўғиллари отаси келишидан олдин зиёфатни бошлаб юборишди. Тамара, Яҳудо келиб бу аҳволни кўрганда, жаҳли чиқиб кетади, деб ўйлаган эди. Лекин у жимгина келиб ўрнига келиб ўтирди, бир сўз демасдан овқат ея бошлади. Ўғиллари дастурхондаги энг яхши ноз-неъматларни еб бўлишган эди. Ғур маст, қандай қилиб ўртоқларидан бири Тимнахга кетаётган бир кўзи ожиз одамни оёғидан чалиб йиқитганини айтиб бераётган эди. — У илондек ўрмалаб, ерда пайпасланиб, ҳассасини қидириб топишга уринаётганини кўрсаларинг эди, — деб у кулди, оғзига бир неча узум доначаларини солди. — «Анави ерда, — дедим мен унга, — анави ерда». Қари жинни тупроққа қоришиб ўрмаларди, лекин таёққа яқин келмади ҳам. Балки у ҳозир ҳам ўша ерда бўлса керак. Ғур бошини силкитиб, қаттиқ кулиб юборди. У билан бирга онаси ҳам кулди. Тамара жирканаётганини беркитишга ҳаракат қиларди Ғур пиёласини узатди: — Хотин, яна шароб. «Хотин» сўзи унинг тилида қаттиқ жаранглади. У шароб қуйгунча, Ғур давом этди: — Тўхтанглар, мен сизларга қўйни қандай қилиб қўлга киритганимни гапириб бераман. Яҳудо нонини саватга ташлади. — Сен гапириб бўлдинг. Энди сизларга айтадиган гапим бор. Ғур истеҳзо билан кулиб қўйди. — Ота, шунинг учун ҳаммамиз шу ерга йиғилдик. Сен бизга нима демоқчи бўлганингни эшитмоқчимиз. — Меросхўрим ким бўлишини мен ҳали танламадим. Отанинг сўзлари худди чамоқдек бўлди. Хонага бирданига сукунат чўкди, ҳатто уйдаги ҳаво ҳам босимдан қирс этган товуш чиқаргандай бўлди. Тамара оиласига қаради. Бурсабо қўлини мушт қилганича беҳол ўтирарди. Ғурнинг юзи кўп ичганидан қизариб кет-ган эди. Онанинг кўзлари ёнарди. Фақат Шелага отасининг гапи унчалик таъсир қилмади. Чунки у дарров маст бўлиб ухлаб қолган эди. — Мен сенинг меросхўрингман! — деди Ғур. — Мен сенинг тўнғичингман-ку! Яҳудо Ғурга қаради. Унинг нигоҳи қаттиқ, совуқ эди. — Буни мен ҳал қиламан. Агар хоҳласам, ҳамма бойлигимни қулимга бериб юбораман. — Бу гаплар қандай каллангга келди-я? — бақириб юборди Бурсабо. Яҳудо хотинининг гапига эътибор бермади. У ҳали ҳам тўнғич ўғлига қараб ўтирган эди. — Сен ҳеч қачон қўйларга ғамхўрлик кўрсата олмайсан, қўйлар роҳат-фароғатда яшамайди. Ҳа, хотининг ҳам ўзингга ўхшаган! Ғур ва Бурсабо Тамарага қарашди. Қон юзига тепганини сезди, у орқага ташланди. Ғур ва Бурсабо бирданига баравар бобиллади. Ғур хотинини ҳақоратлади, Бурсабо бўлса Ғурнинг гапини маъқуллади. — Нолишга унинг ҳаққи йўқ! — деди Тамарага қайнонаси еб қўйгудай бўлиб қараб. — Тамара ҳали бирон марта ҳам нолимади, — қуруққина қилиб деди Яҳудо, — лекин кимнинг мияси жойида бўлса, ҳатто бир кўзи бўлса ҳам, ўғлинг Тамарага қандай муносабатда бўлаётганини кўради. — Ота, агар унинг юзи кўкаргани қандай пайдо бўлганини бил-моқчи бўлсанг, айтиб қўяй — бир неча кун олдин у остонада йиқилиб тушди. Шундай эмасми, Тамара? Унга айт! — Уни ҳам, худди йўлдаги кўзи ожиз одамга ўхшаб оёғидан чалгандирсан-да. Ғурнинг ранги оқариб кетди, лекин кўзларини худди бойўғлиникидай чақчайтириб тураверди. — Мени тегишли меросимдан маҳрум қила олмайсан. — Сен ҳали гапимга тушунмаганга ўхшайсан, Ғур. Мен сенга бу ҳақда айтмагунимча, сен ҳар қандай меросдан маҳрумсан. Тамара Яҳудонинг бундай осойишта, совуқ ва буйруқ оҳангида гапирганини ҳеч қачон эшитмаган эди. Бундай оҳангда гапиргани унга нисбатан ҳурматни, айни пайтда ундан қўрқувни пайдо қилди. Шу хонадонга қадам қўйганидан буён, Тамара биринчи марта қайнотаси билан фахрланди. У: «Қанийди Яҳудо мана шу феъл-атворини сақлаб қолса», деб умид қилди. — Мен ўзим бермагунимча, ҳеч ким қўлимдаги мулкимни тортиб ололмайди, — деди Яҳудо Бурсабо билан ўғилларига бирма-бир кўз ташлаб. — Мен сизларни бу ерга йиғишимдан мақсад — ким яхши чўпон эканини кўрсатса, ўшанга подамни мерос қилиб қолдираман, деб айтмоқчи эдим. — Бу синовми? — такаббурлик билан деди ғур. — Шунақами? — У нафрат билан тиржайди. — Агар хоҳласанг, подангни ҳозироқ Ўнанга бер, ота. Подани яхши бошқаришни Ўнан билади, мен эса қилич ишлатишни яхши биламан! — Кўрдингми, нималар қилиб қўйдинг! — бақирди Бурсабо. — Сен ўғилларимни бир-бирига душман қилиб қўйдинг. — Мен гапимни гапириб бўлдим. Бу ёғини энди Худо ҳал қилади. — Тўғри, — деди Ғур боши билан пиёласини баравар кўтариб. — Майли, бу ёғини худолар ҳал қилсин! У қадаҳ кўтариб сўзлаётганда, шаробдан қўлига тўкилди: — Канъон худолари ҳақи-ҳурмати учун! Мен биринчи қизимни Тимнах ибодатхонасига, биринчи ўғлимни худо Малахга бағишлаб оловда қурбонлик қиламан, деб қасам ичаман! Тамара даҳшатдан қичқириб юборди. Шу лаҳзада Яҳудо ҳам ғазаб билан ўрнидан сакраб турди. — Йўқ! Тамаранинг юраги орқасига тортиб кетди. Наҳотки у болаларини Тўфат оловида ўлган ҳолда кўриши ёки қурбонгоҳда хизмат қилиши учун туғса?! Ғурнинг киборли нигоҳи худди олов каби ёнарди. У ҳам ўрнидан турди ва ғазаб билан отасига қаради. — Сен, ўғлимнинг хатти-ҳаракатлари мени хавотирга соляпти, деб ўйлаяпсанми? Ота, билиб қўй: укаларим менинг изимдан боришади! Мен нимаси истасам, улар ўшани қилишади… Ғур ҳаво етишмагандек тўхтаб қолди. Унинг афти ўзгариб, кўзлари қўрқувдан катталашиб кетди! Шароб тўла пиёласи қўлидан тушиб кетди, чиройли қалпоғига шароб сачради. Ғур кўкрагини чангаллади. Бурсабо чинқириб юборди: — Бирор нима қилсанг-чи Яҳудо! Унга ёрдам бер! Ғур отасига нимадир демоқчи бўлди. Гўё кимдир уни томоғидан бўғаётган эдию томоғини ўша қўллардан бўшатиш учун тирнарди. Онасининг қичқириғидан уйғониб кетган Шело аюҳаннос солиб қочди. Ўнан эса Ғурнинг қандай қилиб тиззалаб қолганини томоша қилиб турарди. Яҳудо ўғли томон талпинди. Ғур эса қовурилган гўшт солинган идишга юзи тубан йиқилди. — Ғур! — деди Бурсабо. — Оҳ, Ғур! Тамара титрар, юраги қинидан чиққудай бўлиб қаттиқ урарди. У эрининг ёнига бориб ёрдам бериши кераклигини биларди, лекин қўрқиб кетганидан қимирлолмас эди! Бурсабо Яҳудони итарди. — Қоч ўғлимнинг олдидан! Ҳаммасига сен айбдорсан! Яҳудо эса Бурсабони орқага итарди-да, бир тиззаси билан чўнқайди. У ўғлининг бошини тиззасига олиб, қўлини бўйнига қўйди. Яҳудо ўзини бир оз орқага ташлади, шунда Тамара унинг кўзларида қўрқувни кўрди. — У жон берибди! — Бўлиши мумкин эмас! — деб ҳайқирди Бурсабо Ғурнинг олдига чўк тушиб. — Сен янглишяпсан, Яҳудо. У маст! У шунчаки… Бурсабо ўғлининг юзини тепага қаратди-ю чинқириб юборди. Учинчи боб Тамара, урф-одат бўйича, белгиланган кунгача эри учун Яҳудонинг оиласи билан бирга мотам тутди. Тўнғичини Худо қарғаганини Яҳудо биларди. Лекин Бур-сабо бунга ишонмас, тасалли топмас эди. Ўнан ўзини қайғуга ботгандек қилиб кўрсатар, лекин Тамара Ғурнинг дўстлари бўлган канъонлик йигитлар билан гаплашиб, кулишиб юрганини кўрган эди. Тамара ўзида пайдо бўлган ҳис-туйғулардан уялиб кетар эди. У, хотин зотига буюрилганидек, Ғур учун мотам тутишни хоҳлар эди. Лекин у қайғудан эмас, енгиллашганидан йиғларди. Чунки Тамара эрини ёмон кўрарди. Эри Тамарани қўрқувда, асирликда сақлаб келди, энди эса Тамара озод! Унинг қайғуларига энди ҳаёт ва ўлим устидан ҳукмронлик қиладиган Яҳудонинг Худоси олдидаги қўрқув ҳам қўшилди. Тамара ҳамма одамлардан ҳам кўра ана шу Худодан кўпроқ қўрқарди. Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси Яҳудонинг итоатсиз тўнғич ўғлининг жонини олганда, Тамарани қайғуларга тўла ҳаётдан озод қилди. Ғур туғилажак ўз болаларини қурбонлик қилишга, укаларини йўлдан уришга қасам ичди. Шундан кейин ўзининг жони узилди. Бироқ унинг миясида пайдо бўлган, ўрнашиб олган ҳақиқий фикр унинг ҳис-туйғуларини алғов-далғов қилиб юборди. У қайғулардан бутунлай озод бўлгани йўқ, у бева бўлиб қолган эди. Унинг ҳозирги ҳолати аввалгисидан яхши эмас, ҳатто, олдингисидан ҳам баттар! Унинг эри, ўғли, оиладаги ўрни энди йўқ! У ота хонадонига қайтиб боролмасди. Яҳудо урф-одат бўйича иш тутиб, Тамарани Ўнанга турмушга бермаса, Тамара ҳеч қачон на ўғил, на қиз туға оларди. Унинг ҳаёти беҳуда ўтган бўлади. Унинг ҳаёти ҳар хил орзу-умидлардан маҳрум бўлади. Фақат ўғилгина уни қутқариб қолиши мумкин эди! Вақт имиллаб ўтар, Яҳудодан бирон садо чиқмасди. Тамара сабр билан кутаверди. У: «Яҳудо мотам тугамагунча гапирмайди», деб ўйларди. Яҳудо удум бўйича нимани қилиши лозим бўлса, шуни қилади. Яҳудонинг ҳамма нарсага ақли етади, агар у оиласи ўсиб-гуркирашини хоҳласа, аҳволни ҳозиргидай ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Яҳудонинг авлоди давом этиши учун қизлар, ўғиллар керак. Акс ҳолда унинг насли заифлашиб, йўқ бўлиб кетади. Тамара фарзанд ҳадя этолмади, натижада у омадсиз аёлга айланди. Яҳудо уни оиласига болалар инъом қилиши учун танлаган эди. Лекин Тамарада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади — у ҳали ҳам ўша Яҳудо танлаган қиз эди. Яҳудо Тамарани Ўнанга турмушга беради. Ўнан Тамара билан ётади. Тамара Ғурнинг озгина улушига меросхўр бўладиган ўғил туғиб бериши керак. Канъонликларнинг ва яҳудийларнинг одати шу — ука акани қўллаши керак. Тамара буни билар, Яҳудо шундай қарор қабул қилишига ишончи комил эди. Бу ҳақда ўйлаш ўрнига, у ҳар доим яҳудийларнинг Худоси ҳақида фикр юритарди. Тамара Худонинг қудрати ва ҳукмронлиги ҳақида ўйлаганда, юраги така-пука бўлиб кетарди. Унинг миясида саволлар ғиж-ғиж, лекин Яҳудодан сўрашга юраги дов бермайди. У Тамарага: «Сен билан отамнинг Худоси ҳақида гаплашгим келмаяпти», деб изоҳ берди. У бу саволларга жавоб топиш учун миясида такрор-такрор айлантирар, лекин жавоб йўқ. Агар Худо Ғурни канъонлик худоларга болаларини ваъда бергани учун ўлдирган бўлса, нега Худо Бурсабога, ўғилларингни Баалга меҳр қўйдириб тарбияла, деб рухсат берган Яҳудони ўлдирмайди? Яҳудо гуноҳ қилганми, унинг бўйнида қандайдир маълум бўлмаган қарғиш турибдими? Бир куни Яҳудо, Худонинг қўли менга чўзиляпти, деб айтди. У бунга ишонган эди — демак, бу ҳақиқат. Яҳудо буни билиши керак, шундай эмасми?! Агар Худо Яҳудога қаҳрини сочадиган бўлса, унинг оиласи нимага ҳам умид қила олар эди? Бундай ўй-фикрлардан Тамаранинг юрагига қўрқув тушарди. Сенга нисбатан ғазабга тўлиб турган Худонинг юрагини юмшатиш учун нима қилиш керак? Сендан У нима кутаётганини билмай туриб, қандай қилиб Унинг марҳаматига сазовор бўлиш мумкин? Унга қандай қурбонлик келтириш мумкин? Қандай инъомлар? Итоаткорлик, деб айтарди Яҳудо. Лекин Тамара амал қилиш керак бўлган қонунларни билмасди. Худодан қўрқув уни босиб турарди. Ҳатто қўрқувни ҳис қилиб ҳам Тамара ўзини хотиржам тутардики, бунга ҳайратланмаслик мумкин эмас эди. Ғур энди унга хўжайин эмас. Энди унинг тақди-ри Яҳудонинг қўлида. Бир йилдан бери у бу уйда яшаяпти. Аммо шу даврда у бирор марта ҳам қайнотаси Канъон халқлари худоларига қурбонлик келтирганини кўрмаган эди. Фақат Бурсабо кучли эҳтирос билан Баал, Аштарет ва бошқа худоларга таъзим қиларди. У шароб ва мой назр қилиб, пичоқ билан баданидан қон оқизарди. Яҳудо четда қараб турарди. Агар эри уйда бўлса, Бурсабо ҳеч қачон терафимларини сақлайдиган хонасининг эшигини очмас эди. Лекин Яҳудо ўзининг худоларига қурбонлик келтирганини ҳам Тамара кўрмаган эди. Балки у сурувини боқиб юрганда қурбонлик келтиргандир? Отаси ва укалари билан яшаб юрган пайтларда у сажда қилгандир? Шундай қилганми ёки йўқми — қайнотаси бу ҳақда бирон сўз айтмаган. Бурсабодан сўрашга эса Тамара ботинолмас эди. Агар Яҳудонинг Худоси хоҳласа, Тамара Ўнандан ўғил туғади. Шу тариқа Яҳудонинг азалий орзуси бўлган оилани кенгайтириш мақсадини амалга оширади. Ғур ўлди. У хотиржам эди — у ҳеч қачон болаларини Малахга бермайди, Тўфатнинг оловида азоб чекмайди, Аштаретга қурбонлик келтириб, қурбонгоҳдаги руҳонийлар шаҳватини қондиришларига уларни ўргатмаслигини билиб тинчланган эди. Тамаранинг болалари ўзларининг отасининг эмас, Яҳудонинг отаси удумлари бўйича тарбияланадилар. Улар Бурсабонинг худоларига сажда қилмайдилар, балки Яҳудонинг Худосига сажда қилишади. У аниқ бир нарсани билмаса ҳам, юраги бунинг ҳақиқат эканлигини айтиб турибди. У Яҳудонинг уйида бир йил яшаб, бу хонадонда Бурсабо ҳукмрон эканини билиб олди. Бир мартагина Яҳудо ҳукмронлигини намоён қилди, тўнғич ўғли унга қарши чиқди, аммо шу заҳотиёқ жон берди. У Яҳудонинг олдига бориб, булар тўғрисида гаплашиб олишга имкони йўқ эди. Яҳудо учун бу кутилмаган ҳодиса, у учун оғир бўлган бўлар эди. Агар Яҳудо бу суҳбатга тайёр бўлса, у Тамаранинг олдига одам юборади. У яна нима қила оларди?! У ахир, ўғил туғилши керак-ку! * * * Яҳудо оиласининг келажагини ўйлайди. У нима қилиши кераклигини билади. Аммо Тамарани чақиришдан олдин етмиш кун ўтишини кутаётган эди. Сарвқомат Тамара бошини озод кўтариб, Яҳудонинг олдида қора ёпинчиғида пайдо бўлганда, Яҳудо Тамаранинг ўзгариб кетганини англади. Унинг юзида хавотирдан дарак берадиган бошқа излар йўқ. Унинг териси силлиқ, соғлом. Яҳудо янада ўзгача нарсани кўрди. Тамара Яҳудога диққат билан, хотиржам қараб турарди. Бу жувон энди қанчонлардир Ғур учун уйига олиб келганда титраётган қизча — келин эмас эди. Тамара Ғурни ҳеч қачон севмаганини Яҳудо биларди. Яҳудонинг ўғли Тамаранинг эри бўлгани учун ҳам мажбурият юзасидан бош эгар эди. Ғур Тамарани ураётганини Яҳудо биларди. Лекин ҳеч қачон уни кучукча сингари мусофир ҳолида кўрмаган.Тамара, қисматим шу экан, деб тақдирга тан берди, шу оиланинг аъзоси бўлиш учун ўлгудай меҳнат қилди. Тамара энди Яҳудонинг қарорини қабул қилиб, унинг кўрсатмаларига қаттиқ риоя қилади. — Мен сени Ўнанга турмушга бераман, Ғур учун ўғил ҳадя қиласан. — Хўп, хўжам, — деди Тамара ва Яҳудога таъзим қилди. Яҳудо бечора қизга яна тасалли бериш, уни тетиклаштириш учун нимадир дегиси келди. Лекин у Ғурни ерга урмасдан нима ҳам дея оларди?! Тўнғич ўғли аслида бемаънироқ бола бўлган эди. Аммо барибир Яҳудонинг тўнғичи эди-да, биринчи бўлиб эркакчасига кучини кўрсатди. У шу сабабдан ўзини айбламаслик учун, Ғурни ҳам айблай олмас эди. Дуо Тамаранинг виждони азоблардан халос қилади. — Серпушт бўл, Тамара, менинг хонадонимни кенгайтир. Ўнан билан бирга яшаса унга яхши бўлади. Яҳудога шу нарса аён эдики, иккинчи ўғли заифларга азоб бериб, лаззатланадиган йигит эмас эди. Тамара туриб, бошини кўтарди ва Яҳудога қаради. Тамаранинг кўзларида чақнаётган нур уни ўйлантириб қўйди. У бошини қимирлатиб: — Кетишинг мумкин, — деди. Тамара эшик томон қадам босди-ю Яҳудога қайрилди. — Хўжам, сиз билан гаплашиб олсам бўладими? Тамарани нимадир қаттиқ хавотирга солаётган эди. У қошларини кўтарди. — Мен сизнинг хонадонингиз учун болалар туғишим керак экан, Худойингизнинг йўлларини менга ўргатасизми? У қотиб қолди. — Вақти-соати келганда мен Онан билан бу ҳақда гаплашаман. — Вақт-соати аллақачон ўтиб кетган. Яҳудо қўлини мушт қилди. — Менга танбеҳ беришга қандай ҳаддинг сиғди? — Йўғ-э, хўжам, — деди Тамара уялиб. Унинг ранги оқариб кетди. — Мени кечиринг. Назаримда… У Тамаранинг кўзларида ёш ўйнаётганини кўрди, лекин бунга эътибор бермади. — Мени ёлғиз қолдир. Яҳудо кўзларини юмиб, боши билан «Чиқавер!» деб буйруқ берди, шу зоҳатиёқ шошилинч қадам товушларини эшитди. Нега Тамара ҳар доим Худо ҳақида сўрайверади? У Тамарага нима дейиши ҳам мумкин? Худо Ғурни калондимоғлиги учун жонини олди. Шу билан бирга, Яҳудодан қасдини олди. Қон эвазига — қон, ҳаёт эвазига — ҳаёт. Юсуф эвазига — Ғур. Яҳудо бармоқларини сочларига олиб бориб, кафтлари орасига бошини олиб сиқди. Балки энди хотираларни кўмиб ташлаш мумкиндир. «…Худо сендан талаб қиладиган олижаноблик ўзингга айтилган: ҳақиқат бўйича иш қилиш, раҳм-шафқатни севиш, Худойингнинг олдида донолик билан итоат қилиб юриш» — худди отаси Ёқуб Яҳудога эгилиб, бу сўзларни пичирлаб айтгандай қулоқларининг тагида жаранглади. Яҳудо ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди ва уйдан чиқди. * * * Тамара хонага кириб, қайнотаси билан бўлган суҳбатини Аксага айтиб берди. Ўнан Тамара билан ётиб, Ғурнинг авлодини давом эттириши керак. — Яҳудо менга бу ҳақда саккиз кун аввал айтган эди, — деди Акса. — У кун санаяпти. Тамара қизариб кетди. Акса унга қараб кулди. — Ўнан Ғурдан кўра яхшироқ. У сени урмайди. Тамара кўзларини ерга қадади. Ўнан ҳам Ғурга ўхшаб чиройли эди. У тилёғламалик қилмасдан гапиради. Балки муштлари ҳам болғадай қаттиқ бўлса керак. Тамар секингина хўрсинди. У қўрқувга имкон бермади. Қўрқув бола бўлишига ҳалақит бериши мумкин. Шунга қарамай, Тамара ғалати ҳиссиётдан титрар эди. Ўнан унга яхши муносабатда бўлишига, Ўнандан мулойим муносабатни кутишга ҳеч қандай асос йўқ эди. Нима учун? Ўнан ҳам, Ғур сингари, ёш болалар гуруҳига бош эди. Акса Тамарани бағрига босди. — Хурсанд бўлавер, Тамара. Яҳудо Бурсабонинг эмас, сенинг тарафингни олди. Тамара Аксанинг қўлларини силтаб ташлади. — Акса, бунчалик аҳмоқ бўлма. Бу ишда ҳеч ким тарафкашлик қилмайди. Яҳудо удум бўйича нима қилиш керак бўлса, шуни қиляпти, холос. — Нима қилиш керак бўлса, дейсанми? Нималар деяпсан-а, Тамара! Қайнонанг сен ҳақингда гапиравериб, Яҳудонинг қулоғини қоматга келтириб юборди-ку! У Ўнан билан бир хонада бўлишингни хоҳламаяпти. Тўшак ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. — Қандай қилиб қайнонамдан ўпкалаяпсан? Мен ҳам ўғлимдан жудо бўлганимда, шундай қайғуга тушган бўлар эдим. — Ёки севимли эрингни йўқотганингда, — Акса овозини пасайтириб пичирлади: — Ғурдан қутулганимиздан ҳаммамиз хурсандмиз. Тамара унинг гапига қўшилмагандай тескари қаради. Акса чуқур нафас олди. — Тамара, эҳтиёт бўл. Бурсабо ўғлининг ўлимида кимни айблашни билолмай одам қидиряпти. Тамара ёстиққа ўзини ташлади. — Бўлмаса, у Яҳудонинг Худосига юз буриши керак. — У сендан шубҳаланяпти. Ўғлимга Тамара сеҳр-жоду қилган, деб даъво қиляпти. Тамара разм солиб Аксага қаради. — Наҳотки, бу уйдаги бирор нарсага ҳалақит берадиган ёки ёрдам берадиган ҳукмронлик менда бўлса?! Мен ҳеч кимман! Эримнинг ўлимидан нима топдим?! Эрим ўлиб янада бойиб кетдимми? — Тамара бошини силкиб, нигоҳини олиб қочди. — Бурсабога ҳеч ким ишонмайди! Ғур отасининг Худосини рад қилганини ва қандай қилиб ўлганини ҳамма кўрди-ку! Акса Тамаранинг олдига тиз чўкиб ўтирди. — Ўйлаб гапиряпсанми, бунинг нима аҳамияти бор? — дея Акса Тамаранинг қўлларини ушлаб, қаттиқ сиқди. — Ғурнинг феъл-атворига келадиган бўлсак, у Бурсабога жуда кўп масалада танбеҳ бериш мумкин. Лекин Ғур бу танбеҳларни қабул қилган бўларди, деб ўйлайсанми? Тамара қўлларини тортиб олди-да, қўллари билан юзларини беркитди. — Мен заррача ёмонлик қилганим йўқ, — деди Тамара титраб нафас оларкан. У кўз ёшларини ушлаб туришга ҳар қанча уринмасин, кўзларидан тирқираб отилди. — Бу қандай оила бўлди-а?! Ҳаммаси бир-бирини ерга уришга ҳаракат қилади-я! Акса бармоқларини Тамарнинг лабларига босди. — Биламан, сен Ғурга заррача зиён етказмадинг. Яҳудо ҳам буни билади. Сен ҳеч қачон эрингнинг битта сўзини иккита қилмаган эдинг. У сени уришини ҳамма биларди, шунинг учун ҳамма тескари бўлиб қолган эди. — Ундай бўлса, нега сен бундай гапларни гапиряпсан?.. — Сен Бурсабога ўхшаган одамлар учун ҳали жуда ёшлик қиласан. У ўлгудай рашкчи. У мавқеини йўқотиб қўйишдан қўрқяпти, шунинг учун ёлғон гапиряпти. Тез-тез такрорланадиган ёлғон охир-оқибат рост гапдай қабул қилинадиган бўлиб қолган эди. — Мен қандай бўлсам ўшандай бўла олмайман, Акса! — Тамаранинг кўз ёшлари дувиллаб тўкилди. — Мен қандай ҳаётни хоҳласам, ўша мен учун энг яхши ҳаётдир. Мен ўша ҳаёт бўйича яшайман! Акса юзини Тамаранинг юзига қўйди. — Хотиржам бўл, жонгинам. Сен ғолиб чиқдинг. Яҳудо Ўнанни сенга берди. Демак, Худо Ғурнинг жонини олганига Яҳудо ишоняпти, гарчи Бурсабо сени ўғлининг ўлимига алоқадор, деб ҳисобласа ҳам. Лекин Бурсабодан эҳтиёт бўл, у айёр илонга ўхшайди-ёв. Яҳудо бир қарорга келгандан кейин, Бурсабо жим юради. Маълум вақт у бирон қарорга кела олмайди. Лекин ҳеч қачон эсингдан чиқарма: Бурсабо — сенинг душманинг! — Акса, у ҳар доим менинг душманим бўлиб келган! — Энди эса ҳар доимгидан ҳам ашаддийроқ бўлади. Лекин Яҳудо сени ҳимоя қилади. Тамара ғамгин жилмайиб бошини силкитди. — Яҳудо мен билан бирга турмайди. Нима қилган бўлса, ҳамма саъй-ҳаракатлари — оиласини сақлаш учун. «Акса қайғуларимни, умидсиз аҳволимни кўрмасин», деб Тама-ра ўгирилиб олди. Яҳудонинг Худоси ҳаёт ва ўлим устидан ҳукмронлик қилса ҳам, Яҳудо ўз Худоси йўлига Тамарани солишдан бош тортди. — Ҳозирги аҳволим бу уйга келган кунимдагидан баттар ёмон. Мен бу оилага бахт тиламайман. Мен ўз бурчимни бажаришни хоҳлайман! — Сен ўз бурчингни бажарасан. — Агар болаларим бўлса. — Бўлса эмас, бўлганда, — дея кулди Акса. — Ўнан сени фарзандли қилади. Бунга менинг шубҳам йўқ! Тамара ўзига нисбатан Аксанинг ишонч билан айтган гапларини қабул қила олмас эди. Ахир, Ўнан Ғурнинг укаси эди-да. * * * Яҳудо иккинчи ўғли ҳақидаги масалани ҳал қилганидан Акса хурсанд бўлди. Оиласининг бепарволигини кўриб Аксанинг юра-ги эзилар эди. Бу уйда ҳеч ким Тамарага арзимас эди. У чиройли, меҳнатсевар, вафодор. Баъзида Тамара Бурсабонинг калондимоғлигига, ҳақоратларига, заҳрига рўбарў келарди. Шундай пайтларда Тамара обрў билан ўзини тутишини Акса кўриб турарди. Шунда Аксанинг қалби ифтихорга тўларди. Баъзида у, Тамарага озор етказмасинлар, деб фикрини айтмас, тилини тиярди. Яҳудо Тамарани Ўнанга олиб беришга шошилмас эди. Акса: «Бурсабо Ўнанни Тамарага қарши қилиб қўймасайди», деб хавотирлана бошлади. Энага Тамарани ўз боласидек севарди. Шунинг учун Тамарага ёмон муносабатда бўлганларида, Акса ғазабланиб кетарди. Яҳудо Аксани топиб, Тамаранинг соғлиғини сўраганда, Акса хурсанд бўлиб кетди. Яҳудони ҳақиқатан ҳам Тамаранинг соғлиғи қизиқтиришини Акса тушуниб етди, Яҳудонинг ҳар хил саволларига жавоб бериб, унинг муаммоларини хал қилди. — Ҳомиладор бўлиш учун энг қулай вақт ўн кундан кейин келади. — Ўн кундан кейин... Шунга ишончинг комилми? — Ҳа, хўжам. Акса Тамарага, Яҳудонинг оиласига ва бурчига нисбатан илтифотсизлик қилмади. Қизнинг Аксадан яширадиган ҳеч қандай сири йўқ эди. Тамаранинг соғлиғидан хабардор бўлиб юриш Аксанинг бурчи эди. Тамаранинг қачон ой кўришини ҳам Акса биларди. Тамаранинг ҳомиладорликка тайёр бўлишини билиш учун у кунни ой тўлган кундан бошлаб санарди. Ўнан билан боғлиқ масала ечимини топди, лекин Аксани Тамаранинг кайфияти хавотирга соларди. Тамара ўйчан, камгап бўлиб қолди. Илгарилари энагаси билан фикрларини ўртоқлашарди, ҳис-туйғуларини унга ишониб айтарди. Қизча аёлга айланаётгани учун, бу ҳодисалар содир бўлаётганини Акса биларди. Лекин Акса қизнинг ҳаётидаги арзимас ташвишларни бартараф қилгиси келарди. У ўз тарбиясидаги бу қизни севарди, унга, фақат унга яхшиликни раво кўрар эди. Тамара нима ҳақда ўйлаётганини билмаса, унинг кайфиятини қандай кўтариши мумкин? Тамара нимадан хавотирланаётгани ҳақида гапиргиси келмади. Акса сўраб, ҳол-жонига қўймас, лекин Тамара жавоб бермасди. Тамарани Ўнан билан бўладиган жисмоний яқинлик қўрқитаётганини Акса ўзича ўйлаб топиши мумкин эди, холос. Ғурнинг Тамарага бағритошлик билан муносабатда бўлгани назарда тутилса, уни тушуниш мумкин эди. Акса қизи учун қайғураётган эди. «Тамарага зиён етказмай нима қилиш мумкин?» деган савол Аксани қийнарди. Танасидаги кўкарган излар илгари ҳам, ҳозир ҳам одатдаги ҳол эди. Лекин янада қаттироқ зарбалар унинг юрагини яралаган, тузалмас оғриқни пайдо қилган эди. Энди Аксанинг Тамараси нима қилади? Ғур ўлди. Акса ичида бунга хурсанд бўлди. Бахтиқаро ўспирин қилмишларига яраша жазосини олди. У энди ҳеч қачон Тамарага қўл кўтара олмайди. Қайси Худо Ғурнинг жонини олган бўлишига қарамай, Акса ўша Худога шукр айтарди. Буни ўзи амалга ошириши учун беҳисоб, сон-саноқсиз ҳукмронлик қўлида бўлишини хоҳларди. У Тамаранинг ёпиқ эшик ортидан эшитилаётган бўғиқ фарёдини эшитганда, эсидан оғиб қолмаслик учун қулоқларини беркитиб оларди. Тамара Ўнандан қўрқмаслиги керак. Яҳудонинг иккинчи ўғли биринчисига ўхшамайди. Ўнан ишнинг кўзини биладиган, шу билан бирга шуҳратпараст эди. У худди ўзиники сингари, отасининг подаси ҳақида ҳам қайғурарди. Акса, Ўнан акасидан кўпроқ меросни қўлга киритишни мўлжал қиляпти-ёв, деб гумон қиларди. Ўнан Ғурнинг хотинини ҳам хоҳларди. Акса Ўнаннинг Тамарага суқланиб қарашларини сезган. Йигитнинг эҳтироси севгига айланиши мумкин. Ана шунда Тамаранинг ҳаёти янада гўзалроқ бўлган бўларди. Албатта Ўнан Тамаранинг олдида ўз бурчини бажаришга ҳаракат қилади. Тамара ҳадя этган биринчи ўғил Ғурники бўлади, лекин бошқа ўғиллари ҳам бўлади. Кейингилари Ўнанники бўлади. Акса, қанийди Тамара биринчи боласини ёруғ дунёга келтиришига ёрдам берсам, деб сабрсизлик билан кутарди. О, ўшанда Акса суюкли бу қизи кулгудан гулдай очилиб кетишини кўради, унинг шодон кулгуси-ни эшитади, Тамаранинг бахтиёрликдан порлаётган кўзларини кўради! Акса бу хаёлларга берилганда, беихтиёр кўзларига ёш келарди. Акса супурги ва саватни олиб, Тамара ва Ўнаннинг ётоқхонасига кирди. Саватни эшик олдига қўйди-да, жон-жаҳди билан уйни йиғиштиришга киришди. Ишлаётиб хонадан ҳамма инс-жинсларни қувиш учун ўзига ўзи фақат бир сўзни қайтарарди, холос. Айрим инсу жинслар ўзларининг хоҳиши бўйича, Тамаранинг ҳомиладор бўлишига қаршилик кўрсатаётган бўлиши мумкин. Уларни хонадан қувиб чиқариш керак, хонага қайтиб киришларига йўл қўймаслик керак. Аксанинг вазифаси юмушларни назорат қилишдан иборат бўлса ҳам, ёш эр-хотинни ҳимоя қилишим керак, улар бир-бирларига яқинлашиб баҳра олишларига имконият яратиб беришим керак, деб биларди. Акса ниҳоятда қаттиқ ҳаракат қилиб ишлар эди. У деворнинг, полнинг ва шифтнинг ҳар бир қаричи яхшилаб тозаланганлигига амин бўлиши керак. У сувда оҳакни эритиб, ёмон инсу жинслар тош девор тешикларидан уйга кира олмасин, деб тешикларни суваб ташлади. У хонага қамишсимон бўйра олиб кирди, чиройли қилиб асфалт полга тўшади. Шамдонларни хушбўй мой билан тўлдириб, хушбўй моддалар солинган ликопчаларни уйнинг бурчакларига қўйиб чиқди. Энди тез орада хонанинг ҳавоси ҳиссиётларни жунбушга келтирадиган, шаҳват уйғотадиган мушк ҳидини ўзига сингдиради. Кўзанинг олдида турган меҳригиёҳни олди, бу қимматбаҳо томирнинг қириндисини пиёлага солди. Меҳригиёҳ Тамарага тезроқ ҳомиладор бўлиш учун ёрдам беради. Ниҳоят, у нақшли тўшакни олиб, ёшлар ётадиган бўйранинг устига ташлади. Акса эшик олдида туриб хонани диққат билан кўздан кечирди. У ҳамма нарса жой-жойида эканлигига, ҳеч нарса эсидан чиқмаганлигига амин бўлиши керак. Меҳмонхонада гангир-гунгур овозлар, мусиқа садолари эшитилади. Никоҳ учун уюштирилган зиёфат бошланди. Яқин орада Акса бу хонага иккала ёш жуфтни олиб келади. Акса ётоқхонага қайтиб кириб, белбоғли халтачадан чангга айланиб уқаланиб кетган тупроқдан бир сиқим олди. Охирги эҳтиёт чораси сифатида шу тупроқни хонанинг полига анча наридаги девордан эшиккача бўлган масофага сепиб чиқди. Қулини ҳар силтаганда, ёмон инсу жинсларни ҳайдаш мақсадида минғирлаб дуо ўқиди. Ҳамма ерга тупроқни текис қилиб сепиб чиқмагунча кўнгли жойига тушмади. Агар қандайдир инсу жинс қайтиб келиб қолса, оппоқ тупроқдаги излар Аксага унинг борлиги ҳақида хабар беради. Акса эшикни маҳкамлаб ёпди. Кейин ётоқхонани садоқат билан ҳимоя қилиб, эшик атрофидаги тирқишларни суваб чиқди. Акса қилган ишидан мамнун бўлиб, дам олгани ўтирди. У Тама-ра хурсанд бўлиши учун яна бир соат қўйиб беради. Бир-икки пиёла шароб уни бўшаштиришга ёрдам бериши мумкин. Акса жилмайиб, худоларга пичирлаб илтижо қилди. Ҳадемай у иккала ёшни ётоқхонага кузатиб олиб боради. Ёмон инс-жинслар кирмаганлигига амин бўлади. Кейин Ўнан билан Тамаранинг орқасидан эшикни ёпади. Ўзи эса ҳомиладор бўлишга ҳалақит берадиган ёмон руҳларни қўриқлаш учун қолади. У эшик ортида ўтириб, иблисларни ҳайдаш учун ва ёшларнинг қалбини эҳтирос билан жунбушга келтириш учун кичкина дўмбирасини чалади, қўшиқлар айтади. Агар рашкчи инс-жинсларни узоқроқ ушлаб туришга муваффақ бўлса, Тамара ҳомиладор бўлади. Ва ниҳоят, бу қизчани — унинг севимли Тамарасини ҳамма ҳомиладор аёлларга кўрсатилган иззат-ҳурмат сингари ҳурмат қилишади. * * * Тамара тез орада Ўнаннинг Ғурдан нимаси билан фарқ қилишини билиб олди. Ўнан янада айёр, маккор экан. Тамаранинг боши ичилган шаробдан айланиб, ҳис-туйғулари хушбўй моддаларнинг ҳидидан, дўмбиранинг овозидан кучайди. Аммо шундай вазиятда бўлса ҳам, Ғурнинг укаси Тамарани бола кўриш имкониятидан маҳрум қилган лаҳзани сезиб қолди. Тамара бақириб юборди. Лекин Ўнан Тамаранинг қичқириғига қаршилиб билдириб, лабларидан ўпиб, овози чиқишига имкон бермади. У қаттиқ ҳаяжон ичида Ўнан билан олишди. Ниҳоят, ундан қутулиб нарироқ ётди. — Сен мени бадном қиляпсан! — деди Тамара ва дарров кийимини олиб, устини ёпди. — Акангга ҳам хиёнат қиляпсан! Ўнан оғир нафас олиб ўтирди. — Сенга Ғурдан кўра яхши муносабатда бўламан, деб сўз бераман! — Сен буни яхшироқ муносабат деб айтяпсанми? — Мен сенга нисбатан меҳрибон бўламан ва… — Меҳрибон бўламан?! Ғур Тамарани ҳақорат қилар эди. Энди эса Ўнан шу вазиятдан шунчаки фойдаланиб қолмоқчи эди. — Бизнинг мақсадимиз битта — Ғурга насл қолдириш учун ҳомиладор бўлишим керак! Ўнан унга яқинлашди. — Бирга бўлсак, яхши-ку! Бунинг нимаси ёмон? Тамара унинг эътирозига жавоб бермай нигоҳини унга қадади. Ўнаннинг кўзлари қисилди. — Менга худди тошнинг тагидан топиб олган ҳашаротга қарагандай қарама. — Менинг марҳум эрим, сенинг аканг олдида бурчингни бажаришинг шарт! — Мен бурчимни бажаришим шарт?! — Ўнаннинг юзи бўзарди. — Ие, мени бурчимни бажаришимга мажбур қиладиган бўлиб қопсанми? Сен кимсан ўзинг? — Сен менинг кимлигимни, бу оиладаги ўрнимни яхши биласан. Аммо сен нима қилишинг керак бўлса, ўша бурчингни бажарасанми ёки йўқми? — Мен, сенга ғамхўрлик қиламан, деб сўз бераман. Сенинг ҳар доим уйинг, овқатинг бўлади. Сен мендан нимани талаб қилсанг, ҳаммасини муҳайё қиламан. Тамаранинг юзи қизиди. Ўнан ҳақиқатан ҳам, Тамарага фоҳишага бўлган муносабатдек бўлсам ҳам, йўл қўйиб беради, индамайди, деб ўйлаяптими? Тамара Ўнанга қарамоқчи бўлиб, қийинчилик билан ўгирилди. — Ўнан, сендан менга фақат бир нарса керак. Сен эса уруғингни ерга тўкяпсан! Тамара унга кийимини отди. Ўнан уятдан қизариб кетди, дарров кийинди. Аммо кўзларини тикиб тураверди. — Ғур менга сенинг ўжарлигингни айтган эди. Сен менинг аҳволимни тушунишга ҳаракат қилсанг бўларди. Тамара аҳмоқ эмас эди. У Ўнанга нима кераклигини жуда яхши биларди. Ўнаннинг очкўзлигини ҳам биларди, лекин ҳеч қачон ундан бугунгидай жирканч адолатсизликни кутмаган эди. — Сен икки карра улуш олишни хоҳлаяпсан — Ғурники билан ўзингникини! — Нега энди ҳамма нарсага мен эга бўлишим керак эмас экан?! Мен жонимни жабборга бериб меҳнат қилганман! — Сенинг ўз улушинг бор. Ғурнинг улушига эгалик қилишга ҳаққинг йўқ. У Ғурнинг ўғлига тегишли. Ўнан жилмайди: — Қайси ўғлига? Тамаранинг кўзлари ғазабдан ёшга тўлди: — Ўнан, сен истагингга эришолмайсан. Мен истаганингча фойдаланишинг мумкин бўлган фоҳиша эмасман! — Тамара, ўйлаб иш тут. Наҳотки, мен пода учун қанчалик қайғурган бўлсам, Ғур ҳам менчалик қайғурган? У сенга ҳеч меҳрибонлик қилганми? Ақалли бир марта бўлса ҳам? Акам нима қилган бўлса, сенга фақат қайғу олиб келган! — У менга қандай муносабатда бўлгани муҳим эмас, бошқа ҳеч нарсанинг мен учун аҳамияти йўқ! У отангнинг тўнғич ўғли! Сен аканг олдида бурчингни бажаришинг керак, бўлмаса, унинг насли йўқ бўлиб кетади! Яҳудо бу кеча нима бўлганини эшитиб, хафа бўлишини ўйлаяпсанми? — Сен унга айтмайсан. — Мен сенинг гуноҳингга шерик бўлишни хоҳламайман! Агар ўз билганингда туриб олсанг, мени қандай келажак кутяпти, тушуняпсанми? — Мен сенинг келажагингни таъминлайман. — Мен акасини меросхўридан маҳрум қилаётган одамга ишонишим керакми? Ўнаннинг жаҳли чиқиб, туриб кетди. — Ғурнинг номи йўқолиб кетиши керак! У ўлимга лойиқ! Усиз ҳаммамизга яхши! Тамара Ўнаннинг нафратидан ларзага келди. — Ўнан, сен менинг ҳуқуқларимга зид иш тутишинг мумкин эмас. Агар шундай қилсанг, бутун оилангни алдаган бўласан! Ўнан тишларини ғичирлатиб ғалати товуш чиқарди. — Мен акамдан қандай жабр кўрганимни билмайсан. Ҳар онам эътибор бермай бизга қарамаганда, Ғур муштларини ишга соларди. У ўлганидан мен хурсандман. Ҳа, агар ҳақиқатни билгинг келаётган бўлса, айтиб қўяй: Ғур ўлганидан мен хурсанд бўлиб кетдим. У жон бераётганини мен завқ билан томоша қилдим. Қўшиқ айтиб, рақсга тушгим келди! — Ўнан истеҳзоли кулди. — Ишонаманки, сен ҳам хурсанд бўлгансан. — Мени ҳам ўзингнинг бемаъни ишларингга тортқилама. Ғурнинг улуши сеники эмас. У ўғилли бўлиши мумкин эди, унинг улуши ўғлиники бўлиши керак, — сен менга беришинг керак бўлган ўғилники бўлиши лозим. Ўнан яна тирсагига суяниб ётди. — Агар бермасам-чи? — Ўнан, Бундай бўлиши мумкин эмас! Менга бундай қилишингга ишонмайман! Наҳотки, Ғур билан бирга унинг номи ҳам ўчиб кетишини истаётган бўлсанг? Бу акангни ўлдиришинг билан баробар-ку! — Йўқ бўлиб кетиш — унинг номи учун энг керакли бўлган нарса шу. Ўнаннинг қилган ишлари қотилликдан ҳам баттар эди! У Ғурнинг авлоди давом этишидан бош тортар эди. Агар Ўнан сўзида қатъий туриб олса, Тамара ҳеч қачон фарзандли бўла олмайди. У ҳолда Тамара нима қилади? — Илтимос, Ўнан. Сен бундай қилишинг керак эмас! Нима қилаётганингни ўйлаб кўр! — Мен бу ҳақда аллақачон ўйлаб қўйганман. Мен ўзимнинг номим ҳақида қайғуряпман, унинг номи ҳақида эмас! — Қанақа одамсан? Акангни наслини ўчириб ташламоқчимисан! — Қанақа ака? Қанақа насл? — Ўнан кулиб юборди. У Тамаранинг рўмоли учи билан бармоқларини артди. — Мен ўзимга тегишли бўлган улушни ушлаб қолмоқчи бўляпман. — Ўнан илжайди. — Мен сени бахтли қиламан. Хоҳлайсанми, қандай қилиб? Кўрсатишим мумкин. Тамара унинг қўлидан рўмолини юлиб олиб, яна ҳам узоқроқ сурилиб ўтирди. У Аксага: «Бўлди, бас қил куйлашни! Дўмбирангни ҳам тўхтат!» деб бақиргиси келди. Бу тун унга тарсаки туширгандай эди. Ўнаннинг юзи ғазабнок тус олди: — Менинг таклифимга хурсандлик билан розилик билдиравер. Унинг нафратидан Тамара ижирғанди. — Мен ҳам қараб турмайман. — Нима ҳам қила олардинг? — У худди Ғурга ўхшаб тиржайди. — Мен Яҳудо билан гаплашиб олишим керак. Ўнан кулиб юборди: — Боравер. Отам сенга ҳеч нарса қилиб беролмайди. У ҳеч қачон ҳеч нима қилолмайди. Бундан ташқари, сенинг сўзларинг менга қарши, ким сенинг гапингга ишонади, Тамара? Онам бутун вужуди билан сени кўргани кўзи йўқ. Бунинг устига, онам ўйладики, сен акамни сеҳрлаб олгансан, акамни сен ўлдирганингга ишонади. — У мазах қилгандай кулди. — Мен қўлимдан келганини қилдим, лекин худолар сенинг бачадонингни беркитиб қўйганини айтсам, шунинг ўзи кифоя қилади. Тамара кўз ёшларини тутиб туришга ҳаракат қиларди. — Мен отангга бориб ҳақиқатни айтаман! Яҳудонинг Худоси сен билан менинг ўртамда ҳакам бўлади! У хонадан чиқмоқчи бўлиб ўрнидан турди. Ўнан Тамаранинг орқасидан ташланди. Тамара унинг қўлларидан чиқиб кетишга ҳаракат қилди, лекин Ўнан Тамаранинг тўпиғидан ушлаб, куч билан тортди. Тамара йиқилиб тушди. Ўнан Тамарани Акса супуриб тозалаган ерга тўшалган қамиш бўйра устига босиб олди. — Борингга қаноат қилиб, хурсанд бўлавер. Мен сенга бермоқчи бўлган нарсамдан ортиғини ололмайсан! Агар менга ёқишга ҳара-кат қилмасанг, отам ўлгандан кейин шу нарсаларга ҳам эга бўлолмайсан! Тамара хўрсиниб йиғлади, ундан юзини ўгириб олди. Ўнан чангалидан Тамарани чиқарди. — Ш-ш-ш… — у Тамаранинг юзини силаб, бўйнидан ўпди. — Менинг кичкинагина ёқимтой келиним лўппигина экан. Бақирма. У қўл теккизганда, Тамара жирканиб кетарди. — Ғур ўлганига ҳамма хурсанд. Сен ҳам хурсанд бўлсанг керак. — У Тамаранинг юзларидан ушлаб, қаттиқ қисди ва ўзига қарашга мажбур қилди. — Тамара, мен сен билан бўлишни хоҳлайман. Шу уйга келган кунингдан бошлабоқ сени хоҳлаган эдим. Энди эса сен меникисан. Ўнан Тамарани ўпмоқчи бўлди, аммо Тамара юзини четга олди, тишларини маҳкам босиб, кўзларини қисиб, қимирламай турарди. — Ҳаётни қандай бўлса, шундай қабул қилишга ўрган. Барибир ҳеч нарса ўзгармайди. — Ундан кўра ўлганим яхши. Ўнан сўкинди: — Нари тур мендан! Эри ундан узоқлашаётганда, оёғининг тагидаги бўйра шитирлади. Бир неча дақиқадан кейин Ўнан ухлаб қолди. Унинг виждони тамомила хотиржам бўлди. Тамара қўлларини бошининг орқасига қўйиб, жимгина бурчакка бориб ётди. Акса ҳамон эшик ортида севги ҳақида қўшиқ куйлашда давом этаверди. * * * Бутун кеча давомида Тамара руҳан тетиклашди. У ўзига нисбатан бўлаётган адолатсиз муносабатга қарши курашишга қарор қилди. Бу унинг ҳуқуқи, у курашиш учун иродали бўлиши керак. Албатта, Яҳудо Тамаранинг ёнини олади. Болаларсиз унинг оиласи насли бузилиб кетади, йўқолади. Шамол чанг-тўзонни учирганидай, Яҳудонинг номи ҳам йўқ бўлиб кетади. Тамара иродали бўлиши керак. У ўзини оқлаш учун гапириши керак, чунки ўғиллар бу бахтсиз оилада фақат ўзларини ўйлайдилар! Ўнан уйғонмасдан аввал Тамара Яҳудонинг олдига борди. Ўғли нималар қилганини қайнотасига айтиб берди. Акса бўйралар устига тўшаган тўшакни гапларига далил қилиб кўрсатди. Унинг юзлари қип-қизил бўлиб кетди. — Сен у билан энди бир кечани ўтказдинг! Унинг ақли кириб қолади. Унга вақт бериб кўр-чи. Вақт дейдими? Яҳудо унга айта оладиган бор гапи шу холосми? «Ўғлим Тамарани алдамоқчи экан-да», деб билиб ғазаби қўзиб кетиши керак эди-ку! Ўнан бутун оилага қарши гуноҳ қиляпти, ахир! Ўнаннинг хатти-ҳаракати ҳеч кимни шубҳалантирмас эди, уни маккорлик ҳаракатга келтираётган эди, унинг жинояти эса қотиллик билан биробар! Яҳудо қандай қилиб ўзининг оиласига қарши содир этилаётган гуноҳларга панжа орасидан қарай олар экан? Ғур уни кўп ҳақорат қиларди, аммо бу муҳим эмас. Аммо марҳум эри шарманда бўлиб, иснодга қолишига у йўл қўя олмас эди. Наҳотки, у Ўнанда масъулият пайдо қилсин, деб бонг уриб, Яҳудони мажбур қилиш керак? — Бундай ҳолатда Ўнан менга қўл текизишига йўл қўймайман! Мен ундай қилолмайман! Яҳудонинг кўзлари қинидан чиққудай бўлиб кетди. — Менинг оиламда нима бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида айтяпсан, сен ўзинг кимсан? — Қандай қилиб менга нисбатан бундай муносабатда бўлишига йўл қўйиб бераман? Мен тўнғич ўғлингизнинг хотиниман! Ўнан ўз бурчини бажаришдан бош тортяпти экан, сиз ўғлингизнинг номи қандай ўчиб кетишини кўришни хоҳлармидингиз? — Жим бўл, қизалоқ! Ғазаб Тамара сабр косасини тўлдириб борарди. — Мен аёлман, Яҳудо! Бақир-чақир қилиб бу пасткашлик тўғрисидаги ҳақиқатни сўндира олмайсиз! Яҳудо Тамарага зуғумни ошириб юборса, Тамарага ёқмаслигини биларди. Лекин бола туғиш унинг ҳуқуқи эди, қолаверса, унинг бурчи. — Нега сен мен билан тортишяпсан? Ҳаммамиз ўғил туғилишидан манфаатдормиз! Агар Яҳудо бундай аҳлоқсиз хатти-ҳаракатдан кўз юмса, унинг насли тақдири нима бўлади? — Болаларсиз ерга ишлов берилмайди. Болалар бўлмаса подага қарайдиган одам бўлмайди! — Бу тўғрида сен гапиришингга мен мутож эмасман! Яҳудо яраланган шердай ириллар эди. Лекин Тамара ҳам бўш келмади. Яҳудо Ғурга ўхшамайди. Аёл кишига у қўл кўтармайди. У шубҳасиз қатъиятлилигини намоён қилади. — Бола туғиш — менинг ҳуқуқим! Яҳудо ўгирилиб олди, лекин унинг ёноқлари ўйнаб кетди. — Жуда яхши, — истамай деди Яҳудо. — Қачон мавридини топсам, бу ҳақда Ўнанга айтиб қўяман. Ҳозир эса қандай бўлса шундай бўлаверсин. — Тамара эътироз билдирмоқчи бўлган эди, Яҳудо қўлини кўтарди. — Тўхтаб тур, гапимни тугатиб олай. Вақт ўтиб, ўғлим сени севиб қолар. Сен бу ҳақда ўйлаб кўрдингми? Ҳаммамизга кўнгилсизлик келтириш ўрнига, бунга ҳаракат қилиб кўришинг мумкин эди. Шундай қилгинки, у сени севиб қолсин. Агар Ўнан сени севиб қолса, у менинг сўзларимсиз ҳам сенга яхши муносабатда бўлади. Тамаранинг юзлари ловуллаб ёнарди. Ўнан ҳақ эди, Яҳудо ҳеч нарса қилмади. Энди у қўйларига қарагани кетади, адолатни ўзинг ўрнатавер, деб ўзига қўйиб беради! — Наҳотки, ўз ўғлингизни шунчалик ёмон билсангиз? Ғур севишга қодир эмас эди, ҳирс, ҳасад Ўнаннинг бутун вужудини қамраб олган. Энди катта акаси ўлди, у Ўнанга қаршилик кўрсата олмайди. Ўнаннинг биргина мақсади — қўлига нима илинса ушлаб қолиш эди. Яҳудо Тамарага: «Мерос улушини ва марҳум эрингнинг тўнғичлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш сенинг ишинг, ҳомиладор бўлиш усулини излаб топиш ҳам ўзингнинг ишинг» деб айтиши мумкин эди. — Мен ўғилларимни биламан, — қатъий деди Яҳудо Тамарага қараб. Агар буларга сал бўш қўйиб берса, улар Тамарани ҳурмат қилмасликларини тушуниб кўз ёшларини тутиб туришга ҳаракат қиларди. — Нега кўз олдингизда содир бўлаётган гуноҳни бартараф қилишдан бош тортяпсиз? Сиз ҳеч қачон Ғурни масъулиятга жалб қилмагансиз. Энди эса Ўнан бундай қилиқлар қилаётганда мендан юз ўгиряпсиз. — Ҳаётимни, оиламни қандай бошқаришни менга ўргатмай қўя қол! — Мен Бурсабонинг ўрнини эгалламоқчи эмасман! Ҳайратдан Яҳудонинг кўзлари ола-қула бўлиб кетди, ранги ғазабдан оқарди. — Сен етарлича гапириб бўлдинг, — хотиржамлик билан деди Яҳудо. Яҳудо ғазабга минаётганини Тамара кўриб турар, лекин асло ҳаяжонланмасди. Агар Яҳудо Тамарани ураман деса, майли, ураверсин. Бу уйда илгари ҳам у калтак еган, яна уришларига шубҳа қилмасди. Тамара Яҳудога қўй шерга қарагандек қарамайди. — Отамга қалин пули бераётганингизда у билан шартнома тузган эдингиз. — Тамара имкон қадар хотиржам гапиришга, ғазабланиб бақирмасликка ҳаракат қиларди. — Мен ўғлингиз Ғурнинг хотини сифатида сизнинг қизингиз ҳам бўлдим. Менга фоҳишага бўладигандай муносабатда бўлишларига йўл қўиб берасизми? Албатта, Ша-кам бекидан синглисини ҳимоя қилган инсон… — Бу умуман бошқа гап! — лея Тамаранинг гапини бўлди-ю бирдан ранги оқариб кетди. Тамара эски ярани янгилаб қўйганини тушуниб қолди ва вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди. — Яҳудо, мен оилангиз аъзосиман. Яҳудо Тамарани қизидек қабул қилмагани аниқ, лекин барибир уни ҳурмат қилиши керак эди. Ўнан Тамаранинг ҳуқуқларини поймол қилишига у йўл қўйиб бера олмайди. — Тамара, сабрли бўл. Мен Ғурдан айрилдим. Энди Ўнан билан олишишни хоҳламайман. — У қайғудан оғир хўрсинди. — Бошқа бирон йўл ҳам бўлиши керак-ку! Бошқа йўл бор эди. Лекин у Яҳудога бу ҳақда эслатишга юраги дов бермади. Яҳудо, Тамара каби, шуни билиши керак эдики, уларнинг олдида яккаю ягона имконият очиляпти. У аранг сўлагини ютди, ёноқлари ёнарди. — Агар бошқа йўлни маъқул деб топсангиз, канъонликларнинг урф-одати бўйича бунга риоя қилиб, бу бурчни ўзингиз амалга оширишингиз мумкин. Яҳудо бошини кўтарди. Албатта Яҳудо ҳам, Тамара каби, бу таклифни қабиҳлик деб ҳисобларди. — Мен канъонлик эмасман. — Мен сизни ҳақорат қилмоқчи эмасдим. — Агар пишиқ-пухта аёл бўлганингда, муаммоларингни менинг елкамга юклаш ўрнига, Ўнаннинг бошини айлантирган бўлардинг! Тамара аламдан йиғлаб юборай деди. У ҳомиладор бўлиш учун балоғатга етган аёл эди. Ундан талаб қилинаётган нарса шу эди, холос. Ёки Яҳудо буни унутиб қўйдими? Наҳотки, Яҳудо марҳум ўғли олдидаги бурчини бажариши учун айёрлик қилиши керак? Наҳотки, Ўнан бериши керак бўлган нарсани олиши учун Тамара ўзини фоҳишадек тутиши керак, деб ўйлаяпти Яҳудо? Эҳтимол, у Тимнахдаги опасининг олдига югуриб бориб, менга севги бобида бирор нарсани ўргат, деб илтимос қилар! Эҳтимол, у, Ўнан қизғанчиқликни унутиб, ўз бурчини бажарсин, дея ҳиссиётларга бурканиб, ҳар хил ёпинчиқ матолар, қўнғироқчаларни осиб, ўзини безатгани маъқулмикан? Тамара ғазабдан титрар эди. Яҳудо яна масъулиятдан қочди. У Тамарага: «Эрингнинг бошини айлантир, токи у ўз бурчини бажариш учун ҳаракат қилсин, мени ҳам шу ташвишдан қутқар», деб айтишни хоҳларди. — Мен фоҳишалик қилолмайман. — Нимага? — сурбетларча кулди Яҳудо. — Аёллар бу ишни йиллаб қилишади. — Сиз қачон адолатли иш қиласиз? — Бор, йўқол! Тамара йиғлаб уйдан чиқиб кетди. Унинг орқасидан Акса ҳам кетди. — Нима бўлди, Тамара? Нимага Яҳудо билан қаттиқ-қаттиқ гаплашдиларинг? Тамара кетмонини олди, қаттиқ ерни чопишга уринди. Кўз ёшлари юзидан тинмай оқиб тушар, гоҳ-гоҳ кўз ёшларини артиб ишида давом этарди. — Тамара, менга айт-чи, Ўнан сенга ёмон муносабатда бўляптими? У ҳам Ғурга ўхшаган эканми? — Мени тинч қўй, Акса. Тинчгина ишлашимга имконият бер. Лекин бу кечада юз берган шармандаликни, Яҳудонинг журъатсизлигини Аксага айтиб ўзини янада камситишни хоҳламади. * * * Никоҳ ҳафтасидан яна олти куни қолди. Эр-хотиннинг хонаси бошқатдан тайёрланди. Ўнаннинг кайфияти кўтаринки, айтганимни бажараман, дегандай эди. У ғалабага эришган жангчидай бошини мағрур тутган. Акса уларни ётоқхонага олиб кетяпти, у Тамаранинг қўлидан ушлаб олган. Тамара эса, Ўнан тавба қилди, энди бурчини бажаради, деб умид қилиб ўз ихтиёри билан борарди. Аммо Ўнан бурчини бажармади. Эр ухлаб қолди. Тамара уйнинг бурчагига бошини жун ёпинчиққа ўраб олиб йиғларди. Унинг ҳамма умидлари пучга чиқди, у хўрликни, шармандаликни бошидан кечираётган эди. Унинг адолатли келажагига бўлган умидини Ўнан чилпарчин қилиб ташлади. У ўз мақсадига эришдими, демак, Тамара энди ҳеч қачон Яҳудонинг хонадони учун фарзандлар ҳадя этолмайди. Балки бу кунидан ўлиб кетгани яхшидир? Тамара, ўлганим яхши, деб ўйлаб ўтирганда, ҳали қуёш чиқмаган эди. Ўнан ҳам жон берди. Тўртинчи боб Уйда хавотирлик ҳукм сурар, ҳамманинг диққат марказида Тамара эди. Бурсабонинг: «Тамара қандайдир йўл билан Ғурни ўлдирди, ўғлимнинг ўлимида Та-мара жавобгар» деган уйдирмаларига ҳеч ким ишон-маган эди. Энди иккала ака-уканинг ўлимида Тамара айбдор эканлигига ҳамма амин бўлди. Ҳаттоки, Тамаранинг ўзи ҳам»: Бўлиб ўтган воқеаларда мен айбдор эмасмиканман», деб ўйлаб қолар эди. Бир йил ичида иккита эри ўлди-ку! Қандай оғир қисмат! Бу қандай содир бўлиши мумкин? Тамаранинг туйғулари худди парча-парча бўлиб кетгандай эди. Ўнан ҳам, Ғур ҳам яхши одам бўлмаган. Лекин бошқа аҳмоқ инсонлар ҳам бор, улар ҳар хил жойларга боришади, гаплашишади, ўзларини ёмон тутишади. Нега бундай қисмат унинг эрлари бошига тушди? Тамаранинг томоғига бир нарса тиқилгандай, кўзлари тўла ёш. У айбдор эмас. Унинг бундай сирли ўлимларга ҳеч қандай алоқаси йўқ… Лекин миш-мишлар хавфли. Миш-мишлар уйга жанжал олиб келиши табиий. Бурсабо ҳаммадан кўп ғийбат қилади. Қайнонаси Тамарани, жодугар деб айтишга қандай журъат қилди экан? Биринчи эри ўлганда ҳам ҳеч кимни сеҳрламаган, бир калима дуони ҳам оғзига олмаган. У ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлар, лекин ҳар сафар гап бошлаганда, уни тинглаётганларнинг афт-ангорини кўриб, ўзимни оқлашим бефойда, деб биларди. Одамлар аллақачон ёлғонга ишониб бўлган, Тамарадан қўрқишарди. Тамара ҳам қўрқар эди. Бу уйга кириб келган кундаёқ унга худди сассиқ қулга қилинадиган муносабатда бўлган эдилар. Ғур уни ҳақоратлашини ҳамма билар эди. Шундай бўлса ҳам, ҳеч ким унга ҳамдардлик билдирадиган, яхши сўз айтмаган, Тамарага ёрдам бериш учун ҳаракат ҳам қилмаган. Энди эса Ўнан Ғурнинг улушига эгалик қиладиган меросхўр туғдириш бурчидан бўйин товлади. Ўз ҳирсини қондириш йўлида Тамарадан фойдаланди. Шундай бўлишига қарамай, ҳамма, Тамара унга ўлим тилаган, деб ишонар эди. Бу нотўғри! У бу уйга меҳрибон хотин бўлиш, ўғиллар ҳадя этиш умидида келган эди. Яҳудонинг отаси Худоси бу ёш йигитларни жувонмарг қилди. Ғур ўлган куни Яҳудо шундай демаганмиди? Лекин Яҳудо бу ҳақда бошқа гапирмаган. Яҳудо ҳеч нима демас эди! У қайғуларини унутиш учун ўтириб олиб, шаробдан бош кўтармасди. Бурсабо эса ёлғон-яшиқ гаплар билан унинг бошини қотиради. Қайнотаси учун унинг оиласини Худо жазолаётганини ўйлагандан кўра, ўғилларимнинг ўлимида Тамара айбдор деб ўйлагани осонроқ эди. Хўш, навбат кимга келди? Шелогами? Бурсабогами? Яҳудо ҳар сафар Тамарага қараганда, Тамара унинг кўзларида гумонни, ғазабни кўрарди. Уйдаги ҳамма нарса Тамарага қарши эди. Бу ҳам Яҳудога Тамарани айблашга ёрдам берарди. Бурсабонинг ғазаби бутун уйда ҳукмрон эди. Тамара унинг ғазабидан қочиб кетолмас эди. Ҳаттоки, уйдан ташқарида ишласа ҳам, қайнонасининг қаҳрини сезиб турарди: «Мен уни оиламда, уйимда кўришни истамайман!» Наҳотки, Бурсабо ёниб бўлган оловнинг кулини титиб, оиласини барбод қилаётганини тушунмаётган бўлса?! Нега у Яҳудонинг Худосидан илтижо қилиб меҳр-шафқат сўрамайди? Нега у Ёқубдан: «Худойингизнинг марҳаматига сазовор бўлишим учун нима қилай?» деб сўрамайди? Нега Яҳудо кўзи олдида оиласининг барбод бўлаётганига йўл қўйиб жимгина ўтириб ичаверади? Акса тез-тез Тамарани турткилар эди: — У билан гаплашиб кўришга ҳаракат қил. — Мен ундай қилолмайман. Мен ўзимни ҳимоя қилиш учун Бурсабонинг ёлғонларига жавоб бергим келмаяпти. — Ҳамма сенга қарши-ку! — Агар Ўнан билан Ғурнинг жонини Яҳудонинг Худоси олган бўлса, мен вазиятни ўзгартириш учун нима ҳам қила олардим?! Бу Яҳудонинг иши. У оила бошлиғи. — Бу хонадонда Бурсабо бошлиқ. — Яҳудо бунга йўл қўйиб берган! Мен ҳам бутунлай Яҳудога тобеман. Мен бундан кейин, у нима қилар экан, деб кутишим керак, холос. Одамларнинг гап-сўзларига, фикрларига қарамай, удум бўйича Тамара Шелодан бола кўриши керак эди. Лекин иккинчи ўғли ҳам ўлгандан кейин, Яҳудо бу удумга амал қилармикан? Икки ўғли аллақачон қабрда ётганда, Яҳудо Шелони Тамарага ишонармикан? Тамара ўзи тўғрисида бўлаётган гап-сўзларни эшитиб, ҳаммадан беркиниб олиб, йиғига зўр берар эди. Лекин одамлар олдида хотир-жам юрарди. Агарда Бурсабонинг олдида оқланиб, бу хотин томонидан ерга урилганда ҳам, унинг қора юрагини ўзгартира олмас эди. Ҳафталар кетидан ҳафта секин-аста ўтиб бораверди. Мотам кунлари ўтиб борарди. Тамара кутарди. Эртами-кечми, қайнотаси қарор қабул қилиши керак. * * * Яҳудо Тамарани чақиргунча орадан етмиш кун ўтди. Охирги ҳафталар ичида у қизни ўйлашдан бошқа ҳеч қандай иш қилмади. Тамара Шелога турмушга чиқиб, бола туғиши мумкин. Лекин «Кенжа ўғлим ҳам Тамарага уйланиб, ўлиб қолса-я», деб қўрқарди. Бурсабо эса: «Тамара жодугар, сеҳр-жоду билан шуғулланади», деб ҳаммага уқтирарди. Аммо жоду билан шуғулланишдан Тамарага нима фойда?! Уни бахтли қиладиган, кексалигида таянч бўладиган ўғиллар керак. Унга ўғиллар берадиган эр керак. Осойишта келажакдан ўзини ўзи маҳрум қилиб, нимага ҳам эришарди?! У тирноққа зор бўлган бева бўлса, бирон умиди бўлмаса. Бурсабо қаттиққўллигича, мағлуб бўлмасдан қолаверган бўларди. — Охирги ўғлимни унга бера кўрма! Агар шундай қилсанг, сендан бир умр нафратланиб юраман! Тамара Шелога турмушга чиқиши керак эмас! Бурсабо жанжал қилмаганда, ўзининг саждагоҳидан маслаҳат сўрарди. Уйнинг ҳавоси жонга тегадиган тутатқининг ҳидидан оғирлашган. Уйга бир нотаниш одам яқин келиб, марҳумлардан нома олиб келганини эълон қиларди. — Тамарадан қутулишга ҳаракат қил. — Бурсабо қутурарди. — Бу қотилни уйимдан ҳайда! Яҳудо ҳеч қачон Тамаранинг сеҳр-жоду қилганини ёки дуо ўқиганини кўрмаган эди. Лекин бу дегани — у сеҳр-жоду билан шуғулланмаган деган гапни билдирмасди. У хотини Бурсабога ўхшаб очиқ эмасди. Хотини эса Канъон худоларига қаттиқ боғланганини ҳеч қачон яширмас эди. Ғур ва Ўнаннинг жонини Худо олганини Яҳудо биларди. Агар Тамара айтгандай иш тутганда эди, Ўнан қилган гуноҳга қаршилик кўрсатган бўларди… Лекин Яҳудо бу ҳақда ўйламади. Худо ўғилларининг жонини олиши мумкин эди, бироқ бу қиз ғалати аломат бериб турибди. Бу қизни Яҳудо уйга олиб келганидан бери хонадонда фақат бахтсизликлар содир бўлди. Агар ундан қутулганда, балки хонадонида қандайдир тинчлик бўлармиди. Шело тирик қолган яккаю ягона ўғли. Энди йигитни ҳимоя қилиш керак. Тамара доимо унинг хонадони бошига тушган жа-мики бахтсизликларнинг диққат марказида. Яҳудо ўғлига Тамарани олиб бериб, унинг ҳаётини хавф остига қўёлмас эди. Қолаверса, Шелонинг ўзи ҳам ундан қўрқарди. Бурсабо Шелога: «Агар Тамара билан бирга бўлсанг, у сени ҳам ўлдиради», деб ўғлини ишонтирди. — Яҳудо, қачон адолат бўйича иш қиласиз? Тамаранинг сўзлари унинг виждонини қийнарди. Лекин унинг сўзларига нисбатан юрагини тош қилди. Яҳудо оиласини ҳимоя қиляпти. Нимага энди у бу хавфли қизга охирги ўғлини бериши керак?! Нега таваккал қилиш керак?! Нимага хотини ва ўзининг ўртасига ғов солиши керак? Нега ўзига янада кўпроқ бахтсизликларни чорлаб келтириши керак?! Бундан ташқари, Тамара бола туғишга умуман қодир эмасдир? У Ғур билан бир неча ой бўлди, аммо шу давр мобайнида ҳомиладор бўлмади. У Ўнан учун ҳам етарлича исталган аёл бўлмади, шунинг учун уни ўзига оғдира олмади. Нега энди Шелони бу пасткаш жодугарга бериши керак экан?! Шело унинг тирик қолган яккаю ягона ўғли, ягона меросхўри, охирги умиди эди. Яҳудо ўғлини Тамарага бермайди! Яҳудо ўғлини айтиб келгани одам юборди. — Херахнинг олдига бор. Сенга одам юбормагунимча Адулламда қол. Бурчини бажаришдан озод бўлган Шело отасининг қарорини қўллаб-қувватлади, жон-жон деб бу таклифга рози бўлди. Яҳудо виждони азоб чекаётганини билиб турарди, лекин тезда хотиржам бўлиб қолди. Ўз ғурурини поймол қилса ҳам, ўғлини хавфдан қутқариб қолди-ку! Акса уйдан чиқиб иш бошлади. У сукут сақлаб ишлаяпти. Тамара яна бирор кўнгилсизлик содир бўлганини билди. — Акса, нима бўлди? — Яҳудо эрталаб Шелони уйдан узоққа кетказиб юборди. Тамаранинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди. — Уни балки подага қараб тур, деб жўнатгандир. — Адуллам яқинида бирорта пода йўқ. Шело эса айнан ўша ёққа кетди. Тамара юмшатаётган ерига тикилиб қолди. — Акса, мен кутишдан, умид қилишдан бошқа ҳеч нарса қилолмайман. — Ҳақиқатан ҳам, сен ҳеч нарса қилолмайсан. Акса йиғлаб юборди. Яҳудо Тамарага одам юборди. Тамара катта умидлар билан, қандайдир изоҳ ва тушунтиришларни эшитсам керак, деб Яҳудонинг олдига келди. Бироқ қайнотасини кўрди-ю Аксанинг ҳақлигини тушунди. Шело кетди, энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди. — Мен минг машаққат билан бир қарорга келдим, — деди Яҳудо Тамаранинг кўзларига қарай олмасдан. — Эрнинг бурчини бўйнига олиш учун Шело ҳали жуда ёш. Шело Тамарадан икки ёш катта эди, лекин Тамара бундан айб қидирмади. Яҳудо эса баҳона қидирарди. Улар иккови ҳам буни билиб турарди. Агар ҳозир у билан тортишса, фақатгина ўзига зарар қилиб қўйиши мумкин. Бурсабо ёлғонлари билан Тамарани қўрқитаверсин. Вақт ўтиши билан ҳақиқат аён бўлади. У сабр қилади. У қўрқоқлик қилса ҳам, ўзини мағрур тутади. Вақт — унинг иттифоқдоши. Тамара Яҳудога керак. Ғурнинг авлодини давом эттириш учун ўғил жуда зарур. Агар Яҳудо Тамаранинг ўғил туғиш ҳуқуқини ҳимоя қилмаган бўлса, демак, Яҳудо обрўсини тамомила йўқотган одамдир. Бундай одамга ишониш мумкинми? — Шело вояга етгандан кейин, орқангдан одам жўнатаман. Ночор қолган Тамара кўзларини пирпиратиб, ҳайрон бўлди. — Орқангдан одам жўнатаман, дейсизми? Бу нима деганингиз? У Яҳудонинг юзини кузатди. Яҳудонинг нигоҳи қаттиқлашди. — Мен сен билан гаплашаётган шу лаҳзада Бурсабо сенинг кўч-кўронингни йиғиштиряпти. У бирорта хизматкорга энаганг билан сени отанг хонадонига кузатиб қўйишга буйруқ беради. — Отамнинг хонадонига? Лекин, хўжам, бу… — Тортишма! — Яҳудо ўзини ҳимоя қилиш учун Тамарага ҳатто оғиз очишига имкон бермади. — Бу энг яхши йўл. Мен сени чақирмагунимча отанг хонадонида бева бўлиб яшайверасан. — Энг яхши йўл шуми? — Унинг вужуди музлаб кетди. — Менга қарши содир этилган гуноҳлар учун мени ҳайдашяптими? — Сени ҳайдашмаяпти. Сен шунчаки уйингга кетяпсан. — Бу уй ҳам меники! Ҳар доимгидай совуқ ва илтифотсиз! — Менинг оиламга қарши бирор гап айтишни ҳаёлингга ҳам келтирма. Мен сени ўйлаб шундай қарор қабул қилдим. Сенинг борлигинг менинг уйимни жанг майдонига айлантириб юборди. — Сиз ноҳақсиз! У шармандаларча бақира бошлади. Яҳудо нигоҳини олиб қочди. — Кўз ёшларинг менинг қароримни ўзгартира олмайди, — деди Яҳудо совуқ оҳангда. Тамаранинг ғазаби авж олди. — Сиз ўйлайсизки, отам мени қучоқ очиб кутиб олади, шундайми? — Тамара аланга олган ҳис-туйғуларини жиловлашга ури-нарди. — Мен икки марта бева бўлганим учун кутиб оладими? Фарзандсизлигим учунми? Ҳайдалган ва рад этилганим учунми? Яҳудо бир сўзли одам эди. — Сен отангга, Шело менга уйлангунча Яҳудо шу уйда бева бўлиб яшашимни хоҳлаяпти, деб айтасан. Шело вояга етганда эса мен орқангдан одам жўнатаман. Тамара бошини кўтариб, Яҳудонинг кўзларига тикилди. — Жўнатасизми? — Жўнатаман, дедим-ку. У Яҳудодан ингоҳини узмай қараб турарди. Яҳудо энди Тамара-дан воз кечганда, у Яҳудога қанчалик ишонаётганини кўриб қўйсин. — Сен менга ишонасанми? Тамара жим турар, лекин ўзига: «Адолатли йўл тутаётган Яҳудони яна кўриш менга насиб қиладими?» деган саволни берди. — Мен сенга сўз бераман! — деди шошилиб Яҳудо. — Аммо энди хафа бўлиб кетасанми? Тақдирга тан берган Тамара ўзига буюрилганини қилди. Раҳмсиз Бурсабо хурсанд ҳолда эшик олдида турарди. — Энаганг сени ташқарида кутяпти. Кўз ёшларини аранг тийиб турган Тамара Бурсабонинг ёнидан ўтиб кетди. Лекин Бурсабога бугунги қилиқлари кам эди. У Тамаранинг орқасидан чиқиб, эшик олдида тўхтади. — Биз сендан қутулганимизга хурсандмиз! Тамара ҳеч қаёққа қарамади. Аксага ҳам қарамади. У Аксанинг кўзларига қараб, кўз ёшларини тутиб олди. Акс ҳолда Бурсабога янада кўп ҳузур-ҳаловат инъом этган бўларди. — Яҳудо мени отамнинг хонадонига жўнатиб юборяпти. Аксанинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. — Мен Бурсабони ҳам, унинг хонадонини ҳам қарғайман. Акса олдинга одимлади, лекин Тамара уни қўлидан ушлаб, орқага тортди. — Бунга йўл қўя олмайсан! Менинг уйим, менинг оилам шу ерда! Яҳудо нимани ўйлаётгани муҳим эмас, бу менинг жойим! Аксанинг кўзларига ғазабдан ёш келди. — Улар сенинг тирноғингга ҳам арзимайди, — деди у паст овозда. — Акса, Яҳудо мени танлаган эди. Унинг қарорини оқлаш умиди билан яшайман. Агар сен гапиришни хоҳласанг, унинг оиласи хотиржамлиги учун илтижо қил! Уларга йўлда қўриқлаб кузатиб борадиган хизматкор беришмади. Улар иккита кичкина арпа нон билан сув қуйилган мешни олишди. Уйдан анча узоқлашганларидан кейин Тамара чўккалаб ўтирди-да, йиғлаб юборди. Йўлдаги тупроқдан чангаллаб, бошидан сочди. Аксанинг уни юпатишга кучи етмас, аксинча у билан бирга йиғларди. Зимраннинг уйигача саккиз километр йўл босишлари керак эди. Қуёшнинг ҳарорати уларнинг тинка-мадорини қуритди, лекин юркларидаги оғриқ уларга янада кўпроқ азоб берар эди. Тамара отасининг уйи дарвозасига етиб келганда қош қорайиб қолган эди. * * * Зимран ҳаммага: «Ташқарига чиқиб туринглар!» деб буюрди. Онаси, Акса, сингиллари ва акалари шошилиб чиқиб кетишди. Тамара ҳам, қанийди отамнинг ғазабидан қочиб кетсам, деб орзу қилди. Лекин отаси унга бор заҳрини сочгунча, фақат жим туриб эшитишдан бошқа иложи йўқ эди. Балки охирида унга яхши гап айтар. — Мен сени, Яҳудо хонадонига фарзандлар ҳадя этасан, деб, бизнинг хонадонимиз билан Яҳудонинг хонадони ўртасида тинчликни ушлаб турасан, деб берган эдим! Сен эса менинг умидимни пучга чиқардинг! Сен ҳаммамизни ёмон аҳволга солиб қўйдинг! Тамара ўзини дадил тутиши керак эди, бўлмаса, у ўлиб қолиши мумкин. — Яҳудо: «Шело сенинг олдингдаги бурчини бажарадиган бўлиб вояга етганда, сенинг ортингдан одам жўнатаман», деб сўз берди. Зимран нафратланиб унга қаради. — Сен ўша яҳудийга ишондингми? Сен аҳмоқ қизсан! Шело Ғурдан озгина ёш, холос. Нари борса уч ёки тўрт ёш! Яҳудо бўлса, бола пайдо қилиш ўғлимда етарли даражада ривожланмаган, деб айтдими? Ана холос! Агар ўша ўғли ҳали ёш бўлса, вояга етмаган бўлса, нега унда уни қўйларнинг юнгини олишга олиб боради? Сен ўз ҳақ-ҳуқуқингни билиб оёқ тираб туриб олишинг керак эди! У отасининг қўли зарбидан тиззалаб қолди. — Ота, мен қўлимдан келганини қилдим. — Бу етарли эмас! — Зимран хонада катта-катта одим ташлаб юрар экан, қўллари мушт бўлиб тугилган эди. — Сен бу ерга келмасдан унинг уйида қолишинг керак эди! Сендан менга нима фойда?! Сен менинг хонадонимга шармандалик олиб келдинг! Тамара кафтларини титраётган юзларига босди. Юраги қўрқувдан қаттиқ урарди. У тақдирга тан бермаслиги керак. У ўйлаши лозим. — Яҳудо сўз берган, ота. У сўз берган! — Нима бўпти? Яҳудийларнинг қасами нима бўларди? Яҳудийлар Шакам билан шартнома тузишганди, хўш, улар бу шартномани бажаришдими? Қара, халқи билан нима бўлди? — У Тамаранинг рўпарасида турарди. — Мен ўзимдан сенинг масъулиятингни олиб ташлайман! Яҳудо сени ўзининг хонадонида кўргиси келмаяпти экан, нега энди мен сени бу ерда кўришим керак экан? Сен бизга бахтсизлик олиб келасан! О, у ҳаммасига чидаши керак. — Ота, агар тайёр бўлсангиз, Яҳудонинг хоҳишини такрорлашга журъат қилиб кўринг-чи! Мени уйдан ҳайдаб солинг! — Яҳудонинг хоҳиши дейсанми? Қандай хоҳиши? — Оила қуриш хоҳиши. Отаси, аввалгидай, Яҳудодан қўрқадими? У фақат аввалги ҳолат давом этишини умид қиларди. — Ота, Бурсабо Яҳудо учун ўғиллар ҳадя эта оладими? У чангга ўхшаб қуруқ, тошдай совуқ. Наҳотки, Яҳудо менинг олдимдаги бурчини бажармай, Шелога бошқа хотин олиб беради? Яҳудо оила қуришни хоҳлаяпти, у мени оиласига ўғиллар ҳадя этиш учун танлади. Нимадир ўзгардими? Отасининг кўзлари чақнаб кетди. — Агар Яҳудо сўзида турганда эди, сени бу ерга юбормасди. У сендан қутулиш учун қайтариб жўнатиб юборди. Энди ҳамма сени Яҳудонинг хонадонидаги ҳамма бахтсизликларининг сабабчиси, деб ҳисоблашини у яхши билади! Отасининг сўзлари уни шунчалик қийнаётган эдики! Кўзларидан тирқираб қайноқ ёш отилиб чиқди. — Ота, вақт беринг, Яҳудо қайғуларини унутсин. Вақт беринг, ўйлаб кўрсин! — Вақт эмиш! Сени турмушга бериб олган фойдам энди йўқ! Сен ўйлайсанки, шу ердалагингда Яҳудо менинг далаларимга подасини олиб келадими? Даламга унинг подасини олиб келишим учун бошқа чўпонларни қидиришимга тўғри келади. Бўлмаса, менинг ерим ўғитланмай қолади. — У жаҳл билан Тамарага қаради. — Сендан эса ҳеч қандай фойда йўқ! Сен менинг хонадонимдаги вабосан! Ҳали турмушга чиқиши керак бўлган бошқа қизларим бор! Наҳотки, кимдир сендай қарғишга учраган аёлнинг синглисини хотинликка олади?! Балки сени ўлдирсам, Яҳудо, менга яхшилик қилди, деб ҳисобласа керак! Ўйланмай гапирилаётган қаҳрли сўзлар Тамаранинг устига отилар, мушт зарбидан кўра кўпроқ яраларди. Унинг юраги ўйнаб қолди, лекин у ўзининг заифлигини намоён қилмади. — Нимани маъқул топсангиз шу, ота. Мени ўлдиринг. Яҳудо менинг олдимга, ўғлим бола кўришга тайёр, деб хабар бергани одам жўнатганда, сиз унга жаҳл устида, мен Тамарани ўлдириб қўйдим, деб айтасиз! — Мен ҳам сени, Яҳудо ҳайдагандек ҳайдаб юбораман. — У отанг сени асраб турсин, деб юборди. Сиз Яҳудога мендан воз кечганингизни айтасизми? Сиз бу яҳудий жангчига, қизимни бошқа эркакларнинг даласига бошоқ тергани, садақа сўрагани, яшаш учун фоҳишалик қилгани юбордим, деб айтасизми? Мен шунга аминманки, Яҳудо сизнинг гапларингизга ишонади. Яҳудийларга таъсир кўрсатмоқ жуда осон, шундай эмасми? Бизнинг бахтимизга улар берилган. Улар ўзларига етказилган озорни дарров унутиб юборишади. Менга қилган раҳм-шафқатингиз каби, менинг қайнотам ҳам сизга шундай раҳм-шафқат қилади! Зимран қулоқ солиб турар, Тамара отасига тушунтириш учун ҳаракат қиларди. — Агар мен бадном бўлиб, Шелога кор қилмасам, Яҳудо сизнинг хонадонингизни нима қилади? Мен ҳар доим Яҳудонинг келини бўлиб қоламан. Шело — унинг охирги ўғли. Наҳотки, Яҳудо болалар йўқлиги туфайли авлодининг йўқолиб кетишига йўл қўядиган инсон бўлса? У мени танлади! — У отасига диққат билан тикилиб, тўхтаб қолди. — Агар фақат унга қалин пулини қайтариб беришни хоҳласангиз. Отасининг ранги оқариб кетди. У овозини пасайтирди. — Ота, Яҳудо сиздан оддийгина нарсани — бир қанча вақт нон, сув ва қон беришни, шулар ҳисобига оқ фотиҳа олишингизни сўради. — Қанча вақтга? — Бир неча йилга бўлиши мумкин. Шело менинг эрим бўладиган даражага етгунча. Отасининг юрагида қўрқув чуқур илдиз отди. Бу қўрқув уни ҳимоя қила олишга қурби етадиган чегара бўлиши керак. — Яҳудо сизга душман сифатида эмас, иттифоқдош сифатида керак. Сиз унга қаршилик кўрсатишингиз учун етарли кучга эга эмассиз. Отаси киноя билан кулди, кўзлари айёрона ўйнади. — У бир ўзи, холос, ўғилларидан ҳам энди фақат биттаси қолди. Унинг баданига муз югургандай бўлди. Наҳотки, у отасига Яҳудонинг оиласи қисқарганини эслатиб, унинг хонадонини хатарга дучор қилса? У отасининг нима ҳақда ўйлаётганини биларди. Унинг олтита ўғли бор. Тамарани Яҳудодан ҳимоя қилишга кучи етади. — Яҳудонинг кучли ака-укалари кўп. Уларнинг отаси Ёқуб, Садўм ва Ғамўрани вайрон қилган Барҳаёт Худо билан гаплашадиган инсон. Шакамни улар қай аҳволга солганларини эсингдан чиқарма. Битта қиз бадном бўлганига бутун бир шаҳар вайрон қилинган эди. Мен энди Яҳудонинг қизи, тўнғич ўғли Ғурнинг хотини, Ўнаннинг хотини, энг кичкина ўғли Шелонинг ваъда қилинган хотини эмасманми?! Агар унинг оиласини қириб ташлашга ҳаракат қилсангиз, Яҳудо сизни нима қилади? Зимраннинг ранги оқариб кетди. У асабийлашиб, лабларини ялади. — Сен меҳнат қилаверасан, — деди у пўписа билан. — Қачон Яҳудо ваъдаси устидан чиқар экан, деб кутиб, семириб ишсиз ўтирмайсан-ку. У сени қайтиб чақириб олгунча, сен менинг уйимда қул бўлиб ишлайсан. Тамара бир оз енгиллашиб, ундан беркитиш учун бошини туширди. — Ота, мен сизнинг тавозели қулингизман. — Сен оилаларимизни бирлаштирасан, деб умид қилган эдим, — афсус билан айтди у. — Сен менга қайғу олиб келишингни юлдузлар башорат қилмаган эди. Тамаранинг кўз ёшларидан нафаси қисилди. У машаққат билан сўлагини ютиб, ҳурмат билан деди: — Бир кун келиб Яҳудо сизга миннатдорчилик билдиради. Зимран заҳархандалик билан кулди: — Мен шубҳа қиляпман, лекин мен қизимни деб таваккал ҳам қилолмайман. Сен хизматкорлар билан бирга ухлайсан. Сингилларинг билан бирга бўлишинг сенга тўғри келмайди. Тамара унинг умидларини оқламади, шунинг учун Яҳудо уни хафа қилишга ҳаракат қилаётганини тушуниб турарди. У бошини кўтариб, отасига қаради. Отаси енгил хўрсиниб, кўзларини қизидан олиб қочди. — Кетишинг мумкин. У мағрур ҳолда полдан турди. — Менга бўлган яхши муносабатингиз учун Яҳудонинг Худоси сизга мадад берсин. — Тўхта, сен бир нарсани ўйлаб кўришингни хоҳлайман. — Зимраннинг боқишлари оғирлашди. — Сен ҳали ёшсан. Яқин орада бевалик кийими жонингга тегади. Йиллар ўтган сари, бола туғиш имкониятинг камайиб бораётганини сезасан. — Ота, мен вафодор бўлиб қолмоқчиман. — Ҳозир сен шунақа деяпсан, лекин вақти келиб ҳирқани ташлагинг, кулфатни бошингдан оширгинг, қора ёпинғичингни ечиб ташлагинг келади. Лекин мен сени огоҳлантириб қўйяпман: агар сен бир кун келиб шундай қилсанг, мен Яҳудога, қизимнинг тақдирини ўзинг ҳал қилавер, деб айтаман. Биз иккимиз бунинг охири нима билан тугашини биламиз. Шубҳасиз, улар Тамаранинг ўлимидан кейин тантанали байрам уюштиришади. — Мен вафодор бўлиб қоламан. Қасам ичаман, мен бир умр вафодор бўлиб қоламан. Охирги қилишим мумкин бўлгани — Яҳудонинг уйига шармандалик олиб келишдир. Кўзлар ёшга тўлишига қарамай, у хонадан чиқиб кетишдан олдин бошини кўтариб, отасининг кўзларига қаради. * * * Агар Бурсабо бу бечора қиздан қандай қилиб аламини олиш пайида қийналиб юрганини Яҳудо кўрмаганда эди, Тамарани тамомила унутиб юборган бўлар эди. Ҳатто Тамара кетгандан кейин ҳам Бурсабо эрини тинч қўймади. — Мен ўғилларимнинг қасдини олишим керак! У тирик экан, мен тинч юролмайман! У ҳеч нарсани истамасди. Бурсабо ҳамма ташвишларини дангаса хизматкорларининг зиммасига юклаб, уй ишларини ташлаб қўйди. Ўзи бўлса куну тун худоларига қасд ҳақида сўраб илтижо қиларди. У Тамарага ўлим, Зимраннинг бутун хонадонига бахтсизлик тиларди. — Қиз кетди-ку, ахир! — жаҳли чиққан Яҳудо бақирарди. — Мени тинч қўй, уни эса эсингдан чиқар! — Сен қандай қилиб уни эсингдан чиқарганингдайми? Бундай айёрга ҳеч қандай жавоб қайтариб бўлмади. — Унинг гуноҳи билан менинг икки ўғлим қабрда ётибди. Агар чинакам эркак бўлганингда, уни аллақачон ўлдирган бўлардинг! Унинг менга қилган қилмишларини ҳеч қачон эсимдан чиқармайман! Ҳеч қачон! Бурсабо қасд ҳақида илтижо қилиб бутларига қайтди. Яҳудо хотинини қайғулари билан бирга ёлғиз ўзини қолдирди. Тош бутлар унинг йиғисини эшитармикан? Ёғочдан ёки лойдан ясалган терафимлар унинг тақдирида бирор нарсани ўзгартира олармикан? Майли, у қўлидан келганича овунчоқ қидираверсин. Яҳудо ўзига иккинчи хотин олишни ўйлаб юрарди. У Яҳудога ўғиллар туғиб бериши мумкин эди, лекин иккинчи хотин ҳақида фикр унинг нафратини қўзғатарди. У тўртта хотин бўлган уйда катта бўлган. Ҳатто хотинлар эри ишонадиган Худога ишонишса ҳам, эркак кишига кўнгилсизликлар келтиришларини Яҳудо биларди. Отасининг ҳаёти ҳеч қачон енгил ўтмаган. Яҳудонинг онаси ва Роҳила отасининг севимли хотини эди. Шунга қарамай, улар ўғил туғиш бўйича бир-бирлари билан ҳар доим жанжаллашишарди. Айниқса, ҳар бир хотин ўзининг хизматкорини жазман сифатида Ёқубга олиб беришганда, вазият янада мураккаблашарди. Шундай йўл тутиб улар кундошининг устидан ҳукмронликни қўлга киритишга умид қилишарди. Уларнинг ўғиллари ҳам кучли рақобат муҳитида вояга етган эдилар. Ҳеч нарса эрининг юрагини Роҳиладан совута олмас эди. Ёқуб уни кўрган заҳотиёқ севиб қолган, севимли хотинининг туғруқ пайтидаги ўлими уни ҳалок қилишига озгина қолган эди. Ростини айтганда, Ёқуб ҳали ҳам Роҳилани севади. Юсуф ва Беняминни у бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўради. Чунки уларни Ёқубга Роҳила туғиб берган эди. Йўқ, Яҳудо уйига иккинчи хотинни олиб келиб, бошига янада кўп кўнгилсизикларни олиб келмоқчи эмас эди. Севимли эркакка битта хотин билан бўладиган нотинчлик ҳам етади. Иккита хотин — икки марта кўп ташвиш. У Бурсабони бир пайтлар севганини тез-тез эслайди. У ёшлик пайтида Яҳудонинг хотини, ўғилларининг онаси эди. У ҳозир ҳам қанчалик жанжалкаш бўлмасин, бошқа аёлни деб Яҳудо Бурсабони ўзидан узоқлаштиришни хоҳламасди. Бундан ташқари, у уйга олиб келган бошқа аёлга Бурсабо зарар етказишидан хавотирланиб, яна уй қуришига тўғри келади. У Тамарага бўлган аҳмоқона муносабатини кўрди-ку. Хотини билан бўладиган жанжалдан Яҳудо тошдан қурилган уйини ташлаб қочиб қутулар, подасига кетарди. Уйдан бир неча ҳафтага кетиш учун доимо унга баҳона бор эди. Бироқ далада хотинидан узоқда бўлса ҳам, уни хавотир тарк этмас эди. Унинг қўйлари ва сигирларини касаллик енгар, йиртқичлар ғажиб ташларди. Қуёш яйловни қовжиратиб қўярди. Талончилардан ҳимоя қилиб, чорвасини молхонада сақласа, тоққа ёмғир ёғиб, сув молхоналарни босиб қоларди. Сув тошқини кўплаб чорва туёқларини олиб кетарди. Ҳайвонларнинг ўлимтиклари эса йиртқичлар учун бой ноз-неъмат бўларди. Уйга қайтиб келганда, текинхўр ҳашаротлар узумини пайҳон қилганини кўрарди. Қўнғизлар хурмони еб қўйишган бўлади. Хизматкорларнинг бепарволиги туфай-ли боғ сарғайиб кетди. Осмон Яҳудо учун буғдойранг, ер эса темирдай эди! Бурсабо ҳам касал — қониқмасликнинг аччиқ илдизи унинг озиб-тўзиб кетган баданини заҳарлаган. Бурсабонинг юзи ҳам жиддийлашиб қолган. Овози зириллайди. Қора кўзлари шишага ўхшаб қолди. У тинимсиз бўйнидаги, белидаги ва қорнидаги оғриқлардан шикоят қилади. Яҳудо табибларни чақираверади. Улар пул олиб, фойдасиз дориларни қолдиришади. Худо Бурсабога қарши эди! Яҳудо бошининг остига тош қўйиб, қўйлар учун қурилган қўранинг кираверишидаги ерда ётиб, осмонга қарарди. Бир неча йил олдин отаси Ёқубга, шунингдек, Ёқубнинг бобоси Иброҳимга Худо берган ваъдани эсларди. «… Сенинг наслингни осмондаги юлдузлардай кўпайтираман, бутун авлодингга шу ерларнинг ҳаммасини бераман…» Худо Ёқубни — Ироилни ўн икки ўғли билан бирга марҳаматлади. Яҳудонинг тушларига Дўтандаги ҳал қилувчи кундаги воқеалар кириб қолар, ўша кундаги азоблар қайтадан бошланарди. Унга ўзининг сўзлари азоб берарди: «Укамизни ўлдириб, унинг қонини беркитишимиздан нима фойда?! Келинглар, уни исмоилий савдогарларига сотиб юборамиз…» Унинг тушларида қуп-куруқ қудуқ қора тешик каби кенгайиб кетар, норасида укасининг фарёдини эшитиларди: «Акаларим, ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!» Ўспириннинг занжирни узиб ташлашга ҳаракат қилгани, ҳимоя қилиши керак бўлган акаларидан йиғлаб ёрдам сўраб илтижо қилгани Яҳудонинг кўз олдидан кетмас эди. «Ёрдам беринглар!» Унинг йиғиси худди ўша кунгидек, уни Мисрга олиб кетаётганларидагидек ҳозиргача қулоғининг остида жаранглайди. Акалари эса унга қараб томошабин бўлиб туришарди. Ўшанда Яҳудо Юсуфга раҳм қилмаган эди. Энди бўлса Яҳудо Худодан меҳр-шафқат кутмайди. * * * Ташқи кўринишидан вафодор бўлган Тамара ичида барибир тақдирга тан бермасди. Қариб фарзандсиз ўлиб кетиш — бу унинг тақдири эмас эди. Орадан тўрт йил ўтди, лекин у ҳали умидини узмаган. У ҳали ёш, унинг ҳали вақти бор. Отасининг уйида Тамара бошқалар норози бўлмаслиги учун кўп меҳнат қилди. Сават тўқиди. Акалари ва сингилларининг даладаги ишлари учун қўлбола асбоблар ясаб берди. Далага чўпонлар подани олиб кетганларидан кейин отаси Тамарани жўнатарди. Иш оғир бўлса ҳам, Тамара ёлғизликни афзал кўрарди. Атрофдагиларнинг нафратланишига тоқат қилганидан кўра, оғир тошларни ташигани яхши. Отасининг омади чопиб ўсиб бораверди. Уч йил давомида даласидан икки ҳисса кўп ҳосил олди. — Бошингизга келтиришим керак бўлган қайғулар қани? — деб сўрарди Тамара отасидан журъат билан. — Кутайлик-чи, кейинги йил бизга нима олиб келишини кўрамиз. Отасининг уйи беш йил гуллаб-яшнаганидан, ҳамма Тамаранинг борлигини ҳам унутиб юборишди. Сингилларини қабул қилишди, улар турмушга чиқди. Акалари уйларига хотин олиб келди. Тамара раҳм-шафқатнинг объекти бўлиб қолди. Тамара уларнинг ҳамдардликларини қабул қиларди, лекин бу ҳамдардликлардан жирканарди. Улар Тамарага ва Яҳудонинг оиласига осмондан қарашар эди. Тамара умидини узмасдан, қандай қилиб бўлмасин, уларни ушлаб қолишга ҳаракат қиларди. Қачон бўлса ҳам, Яҳудо мени чақиради! Ўшанда болалари бўлади! Қачонлардир Яҳудонинг уйи Тамара унга ҳадя этган ўғиллари ҳисобига кучли, ҳурматли бўлади. У йиғлар, бу оилада фарзанд ҳадя этаётган аёл ўрнини эгаллашни хоҳларди. Аёл яна нима ҳақда орзу қилиши мумкин? Баъзида кечалари акасининг тўнғич ўғли майин овозда йиғлаганда, Тамара бу овозни эшитиб йиғларди. Қачон бўлса ҳам қўлларида ўзининг фарзандини ушлармикан? Албатта, Яҳудо уни унутмаган. Албатта, у Тамаранинг орқасидан одам жўнатади. Балки Яҳудо уни шу йил олиб кетар. Балки кейинги йил. Тезроқ олиб кетса бўлди. Тамар бир ўзи далада ишлаганда, осмонга кўзларини тикар, кўз ёшлари унинг юзини юварди. Эй Худойим, яна қанча вақт ташландиқ бўлиб юраман? Ҳақиқат қачон юзага чиқади? О, Яҳудонинг Худоси, менга ёрдам бер. Ўғлинг қачон авлоди йўқолиб кетмаслиги учун зарур бўлган фарзандларни бера олишимни тушунади? Худойим, унинг юрагини ўзгартириб қўй. Юрагини алмаштир. Тамара кўринмас Худога илтижо қилиб, қилиши керак бўлган ишни қиларди. У кутарди… кутарди… ва кутарди… Бешинчи боб Бозор куни. Тамаранинг отаси ва акалари дўстлари билан шаҳар дарвозаси олдида ўтирган пайтда, у онаси билан эчки жунидан тайёрланган чодирда қолиб, зиғир толасидан тўқилган тўшакни сотди. Тили ўткир, савдолашишга ўч бўлган харидорлар уни қўрқитмас, чодирни тиккан пайтда чодир яхши даромад келтирар эди. Шунинг учун онаси бу ишни Тамарага юклатишга рози бўлди. Савдо жонли кетарди. Онаси Тимнахдаги опасининг қизил кўйлагига қуёш, ой ва юлдузлар суратини тикаётир. Тамара жуда банд. Ҳар йили у янги кўйлак ва ёпинчиқ олади. Зимран кийим ва рангли иплар жуда қимматга тушаётганини кўп гапиради, лекин хотини маъқул топган нарсани сотиб олишига қаршилик кўрсатмас эди. Ибодатхона руҳонийлари учун одатда ҳамма нарса энг сифатли моллардан тайёрланади. Отаси ҳар бир худодан марҳамат кутади. Тамаранинг онаси чиройли иплар ва майда мунчоқлар билан кўйлак, четдан олиб келинган қизил ва ҳаворанг матодан тикилган такрорланмас ёпинчиқларни безатиш устида бир неча соатлаб иш олиб борар эди. У қўнғироқчалардан иборат бўлган оёқ учун билакузукларни ясарди. Тамара мотам кийимини чириб кетгунча кийиб юрди, бироқ у ҳеч қачон опасининг чиройли кўйлакларини сўрамас, хоҳламас эди. У бошидан товонигача ёпиб турадиган кенг, жундан қилинган ёпинчиғи билан кифояланар эди. Уни кийим эмас, ҳаёт фарзанддан қисгани ташвишга солар эди. Умидсизлик унинг қатъиятини еб битираётган эди. У бундан ҳам ортиққа туғилган эди! У оиланинг хотини ва онаси бўлиш учун туғилган, шунга тайёрланган эди! Олти йил ҳам ўтиб кетди, Яҳудо бўлса ҳамон уни чақирмас эди! Тамара ўрнидан турди, навбатдаги харидор билан савдолашишни бошлади. Кун охирлаб қолган, эркак келинга қалин учун яхши матони қўлга киритишини хоҳлаётган эди. Тамара унинг айтган нархига унамасдан, ўтирди. Харидор кўпроқ пул таклиф қилди. Улар яна савдолашишни бошлашди. Охир-оқибат эркак матонинг охирги парчасини олиб, кетди. Тамара чуқур нафас олиб, онаси ўтирган чодирга кирди. — Менга ҳаворанг иплар керак бўлади. Мен манови камарни тикиб битказишим учун иплар етади, деб ўйлаган эдим, лекин етмади. Бориб ип сотиб ол, лекин ҳеч қаерда ушланиб қолма. Тамара Шарқдан карвон олиб келган анжир ва анор, патнисдаги узумлар, кўзадаги зайтун мойи ва асал, мешдаги шароблар, идишлардаги ширинликлар чиқариб қўйилган чодирлар олдидан ўтди. Савдо билан машғул бўлган оналарнинг орқасида болалар ўйнайди. Тамара ўзидан каттароқ беваларни кўрди. Уларнинг ўғиллари ва келинлари савдо қилаётган пайтда улар хурсанд ўтирибдилар. Тамара онаси учун ҳаворанг иплар сотиб олди-да, ғамгин ҳолатда орқасига қайтди. У пастга бошқа йўл билан кетди. Бу ерда ёғоч, сопол, тош терафимлар, кулолчилик маҳсулотлари, саватлар ва қуроллар билан савдо қилишарди. Тамара унга яқинлашаётган икки эркакни кўриб бир томондан, ташвишланди, иккинчидан, уялди. Бири унга танишдай туюлди. У ўзига ўзи савол бериб хўрсинди, мабодо акасининг дўсти эмасмикан? У яқинлашганда Тамар уни таниди! Шело! У ҳаяжонланиб тўхтади. У қуюқ соқол, кенг елкали бахтиёр инсон катта йигит бўлибди! Унинг дўсти канъонлик ёшгина йигит эди. Иккалови ҳам қийшиқ пичоқ билан қуролланган эдилар. Ҳар бирининг елкасида тахланган шароб меши ётар, иккови ҳам маст эди. Шело жиддий қиёфада тор йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа юради. Бир одам билан тўқнашиб кетиб, уни четга итариб сўкиб юборди. Тамара қимирлай олмас эди. У Шелодан кўзини узолмай қараб тураверди, унинг юраги тез-тез урарди. — Шело, ановига қара, — деди дўсти кулиб. — Бечора бева сендан кўзини узолмаяпти. Сендан бирор нима хоҳлаяпти, шекилли. Шела зўрға у тарафга қараб бўкирди: — Қоч йўлдан! Тамаранинг юзи қизиб кетди. Яҳудонинг ўғли уни ҳатто танимади ҳам! У худди Ғур каби димоғдор, жирканч эди. У расталарга урилди. Расталарга териб қўйилган терафимлар ерга тарақлаб тўкилиб кетди. Шело билан унинг дўсти хохолаб йўлакда айланиб юрар, молларнинг эгаси нарсаларини тўплар эди. — Йўлдан қоч… Тамара юрагини тўлдириб юборган ғазаб, ачиниш билан курашарди. Яҳудо ваъдасини бажаришни истамади! Отаси ўлса, унинг ҳоли нима кечади? У акасининг дастурхонидан ушоқ териши ёки бировларнинг даласидан қолиб кетган бошоқларни териши керак бўладими? Бутун қолган умрида ташлаб кетилган аёлнинг шармандалигига чидаб юради, атрофдагиларнинг раҳм-шафқати туфайли мавжуд бўлиб юраверади. Ҳаммаси Яҳудо уни унутгани учун бўла-ди. Бу адолатсизлик! Яҳудо уни алдади! У ҳеч нарсасиз қолди. Келажаксиз! Умидсиз! Тамара отасининг чодирига қайтиб келиб, онасига ҳаворанг ипларни берди. Кейин энг қоронғу бурчакка ўтирди-да, тескари қараб олди. — Анча йўқ бўлиб кетдинг. Қаерда ушланиб қолдинг? Қайноқ ёшлар кўзларини ёндиради, лекин у онасига қарамасликка ҳаракат қилади. — Аёл ипнинг нархини туширмади. У шармандалигини намоён қилмайди. Онаси унга бошқа гапирмади, лекин Тамара ўзига қаратилган жиддий нигоҳни сезади. — Тамара, бирон нарса бўлдими? — Чарчадим, онажон. Кутишдан чарчади! Яҳудо ваъдасининг устидан чиқади, деб умид қилиб чарчади! Тамара қўлларини сиқди. Унга доно маслаҳат жуда зарур, лекин у кимга ишониб маслаҳат сўрайди? У отаси билан гаплаша олмас эди, чунки унга рад жавобини берарди. Отаси бошиданоқ ҳақ эди — Яҳудо Тамарадан воз кечди. У онаси билан гаплаша олмас эди, чунки у ҳаётни қандай бўлса, шундай қабул қиларди. У қариб борарди, ёрдам учун унга қўл керак эди. Отаси қулларни қўлга киритиш учун етарлича бой эди, лекин у фойда-ни ортиқча буғдойни сақлаш учун тошдан омбор қуришга сарфлаётган эди. Бозор куни охирига етди, чодир ечилди. Отаси ва акалари ҳамма нарсани эшакка юклаш учун вақтида етиб келишди. Кейин узоқ йўл босиб уйга кетишади. Тамара Акса билан ёлғиз қолганда, Шелодан оғиз очди. — У сен билан гаплашдими? — Бўлмасам-чи. У менга»: Йўлдан қоч», деди. Тамара қўллари билан йиғи титроғини босиш учун оғзини ёпди. Ҳис-туйғуларини жиловлаш учун кўзларини юмди. Кейин бошини силкитди. Акса уни қучоқлаб, орқасини силади. — Мен бу кунлар келишини билардим. — Акса, мен унинг шундоққина рўпарасида турган эдим, у бўлса мени танимади. — Яҳудо сени уйига олиб келганда, ёш қизча эдинг. Энди бўлса катта аёлсан. Шело сени танимагани ажабланарли эмас. Яҳудо сени танирмикан, мен шубҳаланяпман. — Бу нимани англатаётганини тушунмаяпсан! — Нега? Буни сен ҳеч қачон тушунмагансан. Тамара сурилди. — Мен ўйлардимки… Акса бошини қимирлатди. — Сен умид қилардинг. Фақат сен у одамга ишонардинг. — Акса оҳиста унинг юзларига қўлларини теккизди. — У тутруқсиз одам. — Акса, мен бирор нима қилишим керак. Мен буни шундай қолдирмайман. Улар ярим кечагача гаплашишди, лекин ҳеч қандай қарорга келишмади. Тамар кўнгли хуфтон бўлиб ухлаб қолди. * * * Тамара олдига онаси келганда эчкини соғаётган эди. Тамара дарров тушунди — даҳшатли воқеа содир бўлган. — Нима бўлди, ойи? — Яҳудонинг хотини вафот этибди. Онасининг ажин тушган юзидан ёш оқарди, лекин унинг кўзлари чақнайди. Тамара орқага тисарилди, унинг танаси музлаб кетди. — Ким айтди? — Ҳеч ким! Отанг бу ҳақда яҳудийлар билан савдо қиладиган дўстидан билибди. Уни аллақачон дафн қилишибди! Улар ҳатто сени мотам тутишга ҳам чақиришмади. — Унинг кўзлари тундлашди, жаҳлдор бўлиб қолди. — Яҳудийлар менинг қизимга шундай ёмон муносабатда бўлишяптики, ҳеч ким ҳеч нима демаяпти! Бу мени охири гўрга олиб боради! Тамара аччиқ-аччиқ йиғлади. Тамара ўгирилиб кўзларини юмди. У охирги шармандаликдан қочиш учун ерга кириб кетишни истарди. Онаси унга яқинлашди. — Сен қандай вазиятда қолганингни қачон тушуниб етасан? Аканг Шелони бозорда кўрган экан. Сенга раҳм қилиб бу ҳақда отангга эмас, менга айтиб берди! Шело аллақачон катта йигит бўлиб қолибди! У отасининг уйидан кетган бўлса керак. Эҳтимол, у ўзига хотин олган, у ўз хоҳишича яшаяпти. Яҳудо сени алдади! Тамара тескари қараб олди. Онаси ҳақиқатни гапираётган эди. Яҳудо ҳеч қачон ўғилларининг устидан ҳукмронлик қилолмаган. У ҳеч қачон Ғур билан Ўнанни эплолмаган. Нега Шело билан бошқача бўлиши керак? Яҳудо оиласининг ҳамма аъзолари эртанги кунни ўйламай, вақтинчалик кўнгилхушлик билан яшардилар. Ларзага келган Тамара гоҳ олдинга, гоҳ орқага юради. У бақириб юбормаслик учун бир нима қилиши керак эди. У ўтирди, яна эчкини соғишни бошлади. — Бундай янгиликни эшитиб, қандай қилиб жим туришинг мумкин? Бу разил одам сендан воз кечди! — Бас! — Тамара жаҳл билан онасига қаради. — Мен Яҳудо ва унинг ўғилларига қарши ҳеч нима демайман. Мен эримнинг оиласига содиқ қоламан. Сизлар ёки улар менга қандай муносабатда бўлишларингиз муҳим эмас. У тилини осонликча бошқаргандай, ақлини ҳам шундай бошқаришни хоҳларди! — Иложи борича, биз сени боқяпмиз. — Мен еяётган ҳар бир бурда нонимни ишлаб топяпман. — Отанг сени Хезивга бориб, дарвоза олдида ҳақиқатни талаб қилиб бақириши керак, деяпти! Демак, унинг отаси ҳаммасини билади. Бу шармандалик! Тамара пешонасини эчкининг биқинига тиради. Унинг қайғулари жуда чуқурда жойлашгани учун, йиғлаб чиқариб юбориш қийин эди. — Сен аллақачон Яҳудога қарши бақиришинг керак эди, — шафқатсизлик билан деди онаси. — Бу сенинг ҳуқуқинг! Сен қолган умрингни шу ерда ҳеч нима қилмай ўтириб ўтказмоқчимисан? Қариган чоғингда ким сени боқади? Ишлай олмай қолганингда, нима қиласан? Бошоқ териш учун жуда қариб қолганингда нима қиласан? — У Тамаранинг ёнига тиз чўкиб ўтирди, унинг қўлларини қаттиқ сиқди. — Бу яҳудий сенга қандай муносабатда бўлганини оқсоқоллар билиб олишсин! Яҳудо қасамини бузганини ҳамма билсин! Тамара унга қаради. — Мен бу одамни сиздан кўра яхши биламан. Агар мен уни Хезив ва Адуллам олдида шарманда қилсам, у менга бу қилмишим учун ҳеч қачон оқ фотиҳа бермайди! Агар мен қайнотамнинг номини қораласам, у менга раҳм-шафқат қиладими? Менга Шелони берадими? Онаси хафа бўлди. — Демак, сен аввалгидай кутасанми? Сенга нима қилган бўлса ҳам, кўниб кетаверасанми? Йиллар ўтиб кетаверишига, фарзандсиз қаришингга йўл қўйиб берасанми? Тамаранинг кўзларига ёш келди. — Бола туғиш имкониятига яна неча йил эга бўласан? Сен ҳар доим ёш юролмайсан-ку! Отанг ўлса, ким сенга раҳм-шафқат қилади? Тамара қўллари билан юзини беркитди. — Илтимос, мени қийнаманг! Мен йўлини қидиряпман… У йиғлаб юборди. Онаси узоқ жим турди. У қўлларини оҳиста Тамаранинг елкасига қўйди. — Тамара, аёлнинг ҳаёти оғир. Эркак кишисиз эса умуман иложи йўқ. Тамара қалтираб нафас олди ва бошини кўтарди. — Мен буни ҳаммадан кўра яхши биламан. — Кўз ёшларини артиб у онасига қаради. — Мен йўлини топаман. У чуқур нафас олди, нигоҳини олдинга, тепаликларга қаратди. — Отанг билан гаплашган одам Яҳудонинг хотини узоқ вақт касал бўлиб ётганини айтибди. Камида икки йил ётибди, чамаси. У секин, қийналиб ўлган бўлса керак. — У бирданига тўхтаб қолди ва пешонасини тириштирди. — Яҳудонинг битта хотини бор эди, а? — Фақат Бурсабо. — Ёш хотинлари йўқмиди? — Йўқ. Тамар эчкини соғишда давом этаверди, сут эса сопол идишга сачрарди. Ишига киришиб кетган Тамара онасининг енгилгина қўл текизганига эътибор бермасликка ҳаракат қилди. — У одамнинг айтишича, Яҳудо Адулламдаги дўсти билан Тимнахга бормоқчи экан, — деди онаси. Аммо сўзлари ҳавода қолиб кетди, кейин яна қўшиб қўйди: — Яқин орада қўйларнинг жунини қирқиш байрами бошланади. Тамара онасига қаради. Онаси айёрона кулди, унинг нигоҳи ҳам ўткир эди. У бошқа ҳеч нима демади. Тамарага бармоқларини астагина текизиб, сўзларимни яхшилаб ўйлаб кўрсин, дегандай қизини ёлғиз қолдириб нари кетди. Тамара юмушида давом этди, миясида эса ҳар хил фикрлар айланиб юрарди. Яҳудо балки ваъдасини бажаришни хоҳламагандир, лекин Тамаранинг ҳақ-ҳуқуқлари бор эди. Шундай қилиб, хотини ўлгандан кейин, Яҳудо қўйларининг жунини қирқиш байрамига бормоқчи экан-да! Адолатли нафрат Тамаранинг ичини тўлдириб бораётган эди! Тимнах савдо қиладиган, шу билан бирга, Аштаретга сажда қилиш маркази эди. Қайнотаси у ерда нима қилишини Тамара яхши билади. Бу шаҳарда бир бўлак нон ва бир пиёла шароб учун танасини сотадиган жуда кўп фоҳишалар бор эди! Эҳтимол, отаси уни уйдан ҳайдаб юборса, унинг тақдири ҳам ўшаларникидай бўлар. Йўқ, Яҳудо ҳеч қачон бажармайдиган ваъдасини энди Тамара кутиб ўтирмайди. Агар у яқин орада ҳеч нарсани ҳал қилмаса, шаҳвоний нафсга берилган Яҳудо ўйламай қонун бўйича тегишли бўлган нарсасини — уруғини унинг бошини айлантирадиган Тимнахда дуч келган аёлга бериб юборади. Тамара лабини тишлаб имкониятларини ўйлар эди. Яҳудо адолат билан иш кўриб, ҳеч қачон шундай қилмаслигини Тамара билиб, жиддий ҳаётини давом эттириб кутавериши мумкин эди. Тамара унга эришиши мумкин эди. У ўзини йўлда турган фоҳишалардек тутиши мумкин эди. Шело уни танимади-ю нега Яҳудо уни таниши керак экан? Тамара уйга сопол идиш олиб кирди. Онаси опаси учун чиройли ёпинчиқ тикишни тугатаётган эди. Идишни ерга қўйиб, онасининг тиззасида турган чиройли кўйлакка қаради. Бу кўйлакни у кийса нима бўлади? — Бу мен тиккан ёпинчиқлар ичида энг яхшиси. — Онаси тугунни тугиб, ипни тишлаб узди. — Мана. Тайёр. У ёпинчиқни кўтарди. Тамара уни олиб, эҳтиётлик билан силади. — Жуда чиройли. — Кўйлакка қара. — Онаси кўйлакни олиб, Тамарага берди. — Мен опангга нима керак бўлса, ҳаммасини қилдим: бошга ўрайдиган боғич, ёпинчиқ, кўйлак, белбоғ, оёққа тақадиган билакузук ва шиппак. — У Тамарага ўгирилди. — Бу ёпинчиқни охирида қилдим. Она қўлини узатди. Тамара эҳтиётлик билан ёпинчиқни унга узатди. Онаси ёпинчиқни астойдил тахлаб саватга солаётганда, қўллари титраётганини сезди. — Икки кундан кейин отанг бу нарсаларни опангга жўнатиб юбормоқчи. Байрамга унга керакли ҳамма нарса бўлиши керак. Онаси қизининг миясида нима фикр туғилганини билармиди? — Она, эртага мен далада ишлайман. Уйга жуда кеч қайтаман. Онаси саватни бойлаб қизининг ёнига келди, лекин унга қарамади. — Енахим чорраҳасигача уч соат юришинг керак. Кун чиққунча чиқиб кетишинг керак. Тамар юраги ўйнаётган бўлса, ҳам ҳеч нима демади. Онаси бошини эгди. — Агар Яҳудо сени билиб қолса, ўлдиради. Шуни биласанми? — Агар ўлишим керак бўлса ўламан. — Шело бўш одам. Уни алдаш осон бўлармиди. — Балки. Лекин менга яна бир шоқол керак эмас. Мен шерни афзал кўраман. * * * Тамара ўрнидан турганда чироқ ҳали ҳам ёниб турарди. Онаси чироқнинг кечгача ёниши учун қанча мой қуйиш кераклигини аниқ биларди. Яқин орада чиқаётган куннинг нури деворга тушганда, бу чироқ бир ловуллаб ёнади-да, ўчиб қолади. Тамара оёқ учида хонадан ўтиб кетди. Опасининг кийимлари солинган саватни олди. Тамара саватни кўтариб, уйдан чиқди. Юлдузли осмонни сўниб бораётган ўтга айлантириб, қуёш нурларини таратди. Тамара отасининг даласидан кейин турган тепаликларга тез-тез юриб кетди. Енахим чорраҳасига етгунча қуёш тик кўтарилиб, ерни қиздира бошлади. Тамара кичкина зайтунзорга кирди ва ичкарироққа беркиниш учун шошилди. Бевалик кийимини ечиб, онаси опаси учун тайёрлаган кийимларни кийди, тақинчоқларини тақди. Сочларини ёйиб, тароқ билан қалин қора жингалак сочларини таради. Сочлари унинг белигача орқасини ёпди. Тўпиғидаги майда қўнғироқчалар ўзининг қора ёпинчиғини саватга солаётганда жиринглади. Саватни эса дарахтнинг тагига беркитиб қўйди. Қайғули, лекин қатъиятли Тамара йўл бўйига кетди. Йўловчилар мени кўрсин, деб дарахтзорнинг четида тўхтади. Тамара эрталаб вақтини деярли шу ерда ўтказди. Ҳар гал пастга кетган йўлдан одимлаб бораётган икки кишини кўрганда юраги томоғига тиқилай дерди. Лекин панада тураверди. У Яҳудо билан унинг адулламлик дўстидан бошқа ҳеч кимга кўринмайди. Тепаликда Яҳудо билан унинг олдида Хирах кўринганда, кеч кириб қолган эди. Тамара дарахтзордан чиқиб, йўл четига ўтирди. Улар яқинроқ келишганда, Тамара ўрнидан туриб, олдинга чиқди. Унинг оёғидаги қўнғироқчалар жаранглаб кетди. Яҳудо шу заҳотиёқ унга эътибор берди. У қадамини секинлатиб, унга қаради. Тамаранинг кафти тердан силлиқ бўлиб қолди, юраги эса тез урарди. У қочиб дарахтзорга беркинишни хоҳларди, лекин у ирода-сини йўқотмасликка аҳд қилди. У жасоратли бўлиши керак. Эркакларни атайлаб сезмаётгандай, у эгилиб кўйлагининг четини кўтарди, шиппагини тасмасини тўғирлай бошлади. Эркаклар тўхташди. — Биз шошилмаяпмиз, — деди адулламлик қувноқ оҳангда. Тамара у томонга қараб ҳам қўймади. Тамара, шу одам яқинлашмасин-да, деб хоҳлар эди. У Яҳудога тикилиб қаради. Мана у кимнинг диққатини тортмоқчи эди. У Тамарани танирмикан? Яҳудо Тамарага яқинлашди. Тамаранинг нафас олиши тезлашди. У шундоққина Тамаранинг рўпарасида тўхтаб, кулди. Унинг нигоҳи Тамарани бошдан-оёқ кечирди. Яҳудо уни танимади. У Тамаранинг ёпинчиқ билан ёпилган юзига қаради. — Сен билан ётишимга рухсат бер, — деди у. Тамара ҳайратдан тошдай қотиб қолди. У аёлнинг қармоғига осонгина илинган эди, ҳатто унчалик талвасага солувчи алдов ҳам бўлмади! Эркаклар шу тариқа фоҳишаларнинг хизматини сотиб олишар эканми? У энди нима дейиши керак? — Яҳудо, у сени хоҳлаяпти. — Хирах мийиғида кулиб қўйди. — Қара, у қандай титраяпти. — У титраяпти, шекилли. — Яҳудо қийшайиб кулди. — Хирах, боравер. Мен сенга етиб оламан. Хирах пишқирди. — Алданиб қолма, ўртоқ, бу жуда кўп вақтни олади! Хирах Тамарани Яҳудо билан ёлғиз қолдириб, йўлдан аста кетаверди. Яҳудо Тамарага тикилиб қарарди. Тамара эса бундан қўрқиб кетди. У Тамарадан кўзини узмасди. — Мана, — деди Яҳудо, — энди биз ёлғизмиз. Сен мендан нима истайсан? Тамара Яҳудонинг ҳис-туйғуси кучли эканлигини айтиши мум-кин эди, лекин Тамаранинг ғазабидан кучли эмас эди. Унинг опаси раҳм-шафқатни ҳис қилганмиди? Тамара буни текшириб кўра олмас эди. Етти йил олдин Яҳудодан, Ўнанга айтинг, менга фоҳишалардек муносабатда бўлмасин, бунга йўл қўйманг, деб илтимос қилган эди. Бугун эса Яҳудонинг ўзига қайтаради. Тамара нарироқ борди, уялиб елкаси оша қаради. — Сен менга қанча тўлайсан? — У секин сўради. Тамара, уни алдаб кетаман, деб умид қилаётган эди. — Мен подамдан сенга бир улоқча жўнатаман. Қани энди унинг подаси? Унинг ғазаби алангланиб борарди. Бу ўша Яҳудонинг худди ўзи-я — уддалай олмайдиган ваъдани берарди. Олдин ўғлини ваъда қилган эди, энди эчкини ваъда қиляпти! У Яҳудонинг оғзидан чиққан ваъдаларни қабул қилишни хоҳламасди. Бугун ҳам, бошқа куни ҳам. — Эчкини жўнатишингга ишонишим учун гаровга нима берасан? У ичида ошиб бораётган ғазабни кўзларида ошкор қилмаслик учун кўзларини ерга қадади. Унинг овозидаги ғазабни сездимикин ёки титроқни эҳтиросли туйғу деб қабул қилдимикан? Яҳудо яқинроқ келди. — Нима хоҳлайсан? Тезда Тамаранинг хаёлига бир фикр келди. У Яҳудонинг исми ёзилган бирон буюмни қўлга киритишни хоҳларди. Агар ҳомиладор бўлиб қолса, унинг иштирокини билдириш учун керак бўларди, холос. — Муҳри бор тасманг билан ҳассангни. Бу сўзларни айтган заҳоти унинг юраги музлаб кетди. У жуда кўп нарсани сўради! Ақли бор бирорта одам шунча нарсани беришга рози бўлмайди, айниқса фоҳишага! Энди Яҳудо уни таниб олади. Ҳозир у қўлини чўзиб юзидаги ёпинчиқни олиб ташлайди ва уни шу ерда — йўл устида ўлдиради. Яҳудо олдинга қадам ташлаганда, Тамара чўчиб тушди. Кейин Яҳудо унга ҳассасини узатаётганини билди. Тамара ҳассани олди. Энди ҳайрат билан Яҳудо бўйнидан муҳрли тасмасини ечиб, унга узатишини кузатиб турарди. У бирорта ҳам рад жавоби айтмади! Уни шаҳвоний нафс бошқарарди! Аччиқ қайғу Тамарани қамраб олганди. У бақириб, йиғлаб юбормаслик учун бор кучини йиғиб олди. Бу инсоннинг адолатли йўл тутишини шунча йил кутди. Ўзи фоҳиша деб ҳисоблаётган аёл-га уйининг ҳам калитини бериб юборди. Булар у учун арзимас нарса эди! Умидсизлик дарров ўтиб кетди, унинг ўрнини ҳаяжон босди. Унда умид қилишга асос бор эди. У ғурурини четга сурди, ўзини хўрлади, лекин Яҳудонинг авлодини давом эттириш учун ягона имкониятни қўлга киритди. Акса, вақт ҳақиқатни юзага чиқаради, деган эди. Тамара фақат шу йўли борлигига умид қила оларди, холос. — Шаҳарда бошпананг борми? — деб сўради Яҳудо. — Хўжам, бугун шундай зўр кунки, майса тошли тўшакдан кўра юмшоқ. Тамара қўлида ҳасса билан зайтунзорга кириб кетди. Яҳудо унинг орқасидан эргашди. * * * Кун қизиб кетди, Яҳудо сотилган севгидан роҳатланиб, зайтун дарахтининг соясида ухлаб қолди. Тамара дарахтлар орасидан шошиб ўтди, беркитилган саватни топди, тезлик билан опасининг кийимларини ечиб, ўзининг кийимларини кийди. Яҳудонинг муҳрли тасмасини бўйнидан олиб, бевалик кийимининг тагига беркитиб қўйди. Кейин қизил кўйлакни, ёпинчиқни, белбоғни тахлаб эҳтиётлик билан саватга солди. Оёққа тақиладиган билакузукларни жирингламаслиги учун кийимларнинг орасига солди. Бошини эгиб секин пичирлаб қўйди: «Мен фақат ҳақиқатни сўраяпман». Яҳудонинг ўғиллари уни ҳақоратлаб, ундан фойдаланишган эди. Бурсабо ўғилларининг гуноҳи учун Тамарага таъна қилган эди. Яҳудо эса ваъдасини бузиб, Тамарани тарк этиб ҳайдади. Лекин энди у Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг уруғларига сингдирилиши мумкин. Яҳудо ўзи бўлмаса ҳам, Тамара унга ўғил беради. Агар унинг аъзоси Яҳудонинг уруғини қабул қилса, у бутун оламни Яратувчи танлаган халқ орасидан ўз ўрнини эгаллаши мумкин. Агар ўғил туғилса, Тамаранинг халоскори бўлади. Тамара иззат-икром билан кийимининг тагига беркитилган муҳрга қўлини теккизди. У саватни кўтариб, қўли билан айлантириб ушлаб чиқди. Зайтун дарахтининг ёнида ётган ҳассани олди-да, уйига жўнади. * * * Қуёш нури Яҳудонинг кўзларига тушиб, уни уйғотиб юборди. Фоҳиша йўқ эди. Яҳудо уни биринчи марта кўрган йўлнинг яқинидан ҳам топмади. Яҳудо уни шаҳарга кетди, деб ўйлади. Қоронғуда ва хавотирланиб саёҳатини давом эттирар экан, кейинги кунда бўлиб ўтган воқеалардан афсусланди. У ясмиқ шавласи учун тўнғичлигини сотган Эсовдан яхши эмас эди! Нега у бу ибодатхона фоҳишасига ҳасса ва муҳрли тасмасини беришга рози бўлди-я? Шаҳвоний нафсни қондириб бўлгандан кейин, у ўша нарсаларини қайтариб олишга шошилди. У дили хуфтон бўлиб Тимнах яқинида дўстига етиб олди. Хирах ҳазиллари, уятсиз гаплари билан унга тегажағлик қиларди. — Яҳудо, ҳассанг қани? Сен менга яна айтмагин… — Ўша ҳассамни анови аёлга эчки юборганимдан кейин қайтариб оламан. — Муҳрли тасмангни ҳамми? — Хирах кулди ва Яҳудонинг орқасига уриб қўйди. — У бу нарсларингга лойиқ деб ўйлайман. Уялган Яҳудо жавоб бермади. У узр сўради, подани олиб келиш учун ундан олдинроқ кетган Шелани қидириб кетди. Яҳудо бир неча ер эгалари билан ҳосил йиғиб олингандан кейин уларнинг даласига ўзининг подасини олиб келиш учун битим тузди. Хирах уларга қўшилди, лекин йўлда учратган фоҳиша ҳақида бирор сўз айтишдан ўзини тийди. — Юр, дўстим, дам олиб, хурсандчилик қиламиз, — деди Хирах кўп ичилган шаробдан кейин у ёқдан-бу ёққа юриб. — Хавотирга ўрин йўқ. Ҳаммаси жойида бўлади. Хотиним, ўғилларимиз, қайғуларимиз бўлмаган пайтда қандай яшаганимизни эсла. Тимнах бизга жуда кўп нарсаларни таклиф қилиш мумкин. Шело ҳамма нарсани синаб кўриш истагида ёнарди. Яҳудо эса — йўқ. У бир соатлик лаззат унга қанчага тушганини эсида тутарди. Унга қўлида доим олиб юрадиган ҳассаси берадиган ҳис етишмас эди. У муҳрли тасмани қайтариб олмагунча ўзини яхши ҳис қилмаслигини биларди. У байрамни охиригача кутмасдан уйга кетишга тайёр эди. Байрам тугагандан кейин, яна ўша йўлдан кетишга ўзини мажбурлай олмаслигини биларди. У Хирахга узрини айтишига тўғри келди. — Мен қаерда ўт яхши бўлса, подамни ўша ерга ҳайдашим керак. Сен Енахим орқали қайтасан, шундайми? — Ҳа, ҳар доимгидай! — Хирах, сенга менинг кўп хизматим сингган, шундай эмасми? Мана бу қўзичоқни олгин-да, Енахимдаги фоҳишага олиб бориб бер. Ундан менинг ҳассам билан муҳрли тасмамни олиб, уйга олиб келиб бер. Дўстим, мен учун қил шу ишни! Учрашганимизда сенга миннатдорчилик билдираман! Хирахнинг кўзлари чақнаб кетди. — Албатта. — Мен сендан яна бир нарсани илтимос қиламан. Хирах ишора билан уни тўхтатди. — Бошқа бирон узр айтмасанг ҳам бўлади, Яҳудо. Сен менинг дўстимсан. Ҳеч ким мендан бир оғиз ножўя сўз эшитмайди. — У кулиб қўйди. — Бундан ташқари, сенинг илтимосингни бажаришдан мен фақат хурсанд бўламан. Эчкини елкасига ташлаб, йўлдан пастга кетди. — Ўзим ҳам ўша зайтун дарахтзорида бир неча соат вақтимни ўтказишим мумкин! Бир неча ҳафта ўтгандан кейин Яҳудо Хирахни ўзининг уйи олдида бўш қўл билан турганини кўрди. Шунгача фоҳиша билан гуноҳи учун тўлашга тўғри келган нарсаларни хаёлига ҳам келтирмаган эди. — Яҳудо, мен уни ҳамма жойдан қидирдим. Шаҳарга ҳам бордим, лекин менга чорраҳада ҳеч қачон ибодатхона фоҳишаси бўлмаганини айтишди. Ҳамма менинг устимдан кулди. «Агар ибодатхона Тимнахда бўлса, нега сен у ерда ибодатхона фоҳишаси бор деб ҳисоблайсан?» деб мендан сўрашди. Яҳудо, ибодатхона фоҳишаси йўлда нима қилиб юрибди экан, деган саволни ўзига бермаган эди. Энди у, нега бу ҳақда олдинроқ ўйламадим, деб ҳайрон бўлди. Яҳудо ҳайрон бўлди, кейин ғазабланди, алданибман-да, деб тушунди, лекин нимагалигини тушуна олмади. Уни алдаган фоҳишага нима керак бўлди экан? Унинг ҳас-саси билан муҳрли тасмасидан фоҳишага нима фойда? Эчкини сотиб, пулига озиқ-овқат сотиб олиши мумкин эди. Бошқа бировнинг номи битилган ҳасса билан муҳрли тасмани ким сотиб оларди, айниқса, унинг машҳур исми ёзилган тасмани? — Яҳудо, айт, мен нима қилай? — Хирах шароб хўплади. — Биз у ерга бориб, яна уни қидириб кўрайликми? — Майли, у ўзига гаровни қолдираверсин! Биз унга эчкини бериб яхшилик қилмоқчи эдик. Агар у ерга қайтиб борсак, қишлоқда кулги бўламиз. Бир неча кун ўтди. Хирах кетгандан кейин, Яҳудо бодом дарахтидан тўғри, текис шох кесиб олди. Ёғочнинг пўстини шилиб ташлади ва дарахтга ўйиб ўз исмини ёзди. Янги таёқ яхши эди, лекин бу ўша отаси қўлига берган ҳасса эмас эди. Шу қаторда ўзи ясаган сопол муҳр ҳам аввалги муҳрнинг асли эмас эди. Яҳудо тез орада Енахим ёнидаги чорраҳада юз берган воқеани унутди. Олтинчи боб Тамара онасига Енахимга бўлган омадли сафар ҳақида ҳеч нима демади. Она ҳам Тамарадан бу ҳақда сўрамади. Кейинги куни эрталаб Зимран катта акаси билан Тимнахга кетди. Улар ўзлари билан ибодатхона либослари солинган саватни олиб кетишди. Икки ҳафта ўтгандан кейин ҳам Тамара ҳайз кўрмади, у ҳомиладор бўлган эди. У бир пайтнинг ўзида ҳам хурсанд бўлди, ҳам қўрқиб кетди. У сирини сақлади, ўзини ҳар доимгидай тутди, вақтли туриб кун бўйи ишлади. Ҳеч ким унда ҳеч қандай ўзгариш сезмади. Ҳаммасидан қийини Аксанинг миясини гангитиб қўйгани бўлди. Кечаси ҳамма ухлаганда, Тамара қўллари билан қорини ёпиб оларди. Баъзида уни қўрқув қамраб олар, Яҳудони алдашга журъат қилганига ўзи ҳам ҳайрон қоларди. Яҳудо бу ҳақда билиб қолса нима бўлади? Бола туғиш учун у ҳаммасини, ҳатто, ҳаётини хавф остига қўйди. Энди бўлса юрагининг тагида олиб юрган бола учун қўрқарди. Агар Акса аллақачон бу ҳақда билиб қолмаган бўлса, тез орада унинг ҳомиладорлиги билиниб қолади. Агар отаси унинг ҳомиладорлигини билиб қолса, у Тамарани ўлдириши тайин эди. Агар у ўлса, бола ҳам ўлади, демак, Яҳудонинг насли узилади. У аниқ фикрлашга ҳаракат қилар, ҳис-туйғуларига берилиб кетишга йўл қўймас эди. Яҳудо тан оладими ёки йўқми, лекин Тамара ҳали ҳам унинг оиласи аъзоси эди. Тамара яшаши керакми ёки йўқми, деган қарорни отаси эмас, Яҳудо қабул қилиши керак эди. Унинг яккаю ягона ҳимояси ҳақиқат эди, лекин Яҳудога шармандалик келтиришни истаганда эди, аллақачон шаҳар дарвозалари олдида бу ҳақда айюҳаннос солиб бақирар эди. У ҳатто ҳар куни савол беравериб безор қиладиган Аксага ҳам ишонмай, сирни ўзида сақлар эди. Акса бўлса тинмасдан савол берар эди: «Ўша куни қаерда бўлган эдинг? Нега мени уйғотмадинг? Мен сени даладан қидирдим. Менга айт-чи, сен қаерга ва нима учун бординг?» Охир-оқибат Акса юзма-юз гаплашиш учун уни чақирди. — Тамара, нима қилиб қўйдинг? Кимдан ҳомиладор бўлиб қолдинг? Худонинг номи билан онт ичаман, иккимиз ҳам ўлдик энди! — Акса, мен қилишим керак бўлган ишни қилдим. Яҳудонинг халқи удуми бўйича ҳам, менинг халқимнинг удуми бўйича ҳам Шело ёки Яҳудонинг ўзидан фарзанд кўришга ҳаққим бор. Қайнотам менга адолат қилиши учун ҳамма нарсага таваккал қилишим керак эди. Мен ёлғон ишлатишга мажбур бўлдим. Агар мен бадномликда ўлиб кетмасам, шу болани орттирай деб ўзимни шарманда қилдим. — У энагасини қучоқлаб, қаттиқ ушлаб турар эди. — Сен менга ишонишинг керак! — Сен буни ҳаммага эшиттириб эълон қилишинг керак… — Йўқ. Ҳеч нима демаслик керак. Ҳали мумкин эмас. — Отанг ҳаммасини билганда, нима бўлади? Агар хиёнат қилдинг, деб ҳисобласа, сени кечирадими? — Мени нима қилса, Яҳудо қилади, унинг иши. — Унда сен ўласан, сен билан бирга боланг ҳам ўлади. Яҳудо сени бахтсизлик олиб келган, деб ҳисоблайди, ўғилларининг ўлимида айбдор деб билади. Бу ҳол унга сендан қутулиши учун баҳона бўлади! — Бу ҳакда бошқа гапирма. — Отанг ҳаммасини билганда сени ўлдиради! — Акса қўллари билан юзини ёпди. — Сен кутишинг керак эди. Мен қариб, Яҳудо сени чақиришидан олдин ўлиб кетган бўлардим. — Бу йўл билан сен ўзингни ва болангни нобул қиласан. Сен Яҳудога хиёнат қилдинг, хонадонини шарманда қилдинг. Менга айт-чи, нима бўлди? — Мен сенга ҳеч нима демайман. Эҳтиёткорлик ва умид янада ёрқинроқ келажак учун уни сукут сақлашга мажбур қиларди. Бу у билан Яҳудо ўртасидаги сир эди. Лекин Яҳудо бу ҳақда ҳеч нима билмас эди. Тамара у берган нарсаларни сақлайди, чунки булар Тамара учун бебаҳо. Яҳудонинг ҳассаси Тамаранинг тўшаги тагида ётибди, муҳрли тасма эса ҳали ҳам бевалик кийими тагида беркитилиб, бўйнида осиғлиқ. У Аксага буларни кўрсатмайди. Унга бу нарсалар ҳақида гапирмайди, ҳеч кимга Яҳудонинг устидан кулиш-га йўл қўймайди. Тамара унинг хонадони олдида ўз бурчини бажаришни истарди. Тамара, унинг халқи мени қабул қилса эди, деб хоҳлар-ди. Агар у Яҳудони кулгига қўйса, у бу аҳволдан рози бўлармикан? Тамара Яҳудони, унинг ғурурини, дардини, йўқотишларини ўйларди. Тамара унинг қайғуларига яна хўрликни қўшишни хоҳламас эди. Яҳудо уни ташлаб кетди, лекин у боласининг отасини на эркак киши олдида, на аёл киши олдида шарманда бўлишига йўл қўймайди. Ўша куни отасининг даласидан юриб чорраҳада Яҳудони кутиб турганда, ўзини қандай балога йўлиқтираётгани ҳақида диққат билан ўйлаб кўриши учун етарли вақти бор эди. Ҳаёт ёки ўлим — буни Яҳудо ҳал қилади. Яҳудонинг олдида турганда, уни ғазаб қамраб олган эди. Яҳудони уйғотиб, у содир этган гуноҳ билан юзма-юз қолдириш учун уни оёғи билан тепишига озгина қолди. Тамара уни силтаб, унга бақиришни истарди: «Яҳудо, қара, мени нимага олиб келдинг! Қара, нима қилиб қўйдинг!» Қачонлардир Яҳудо унга Ўнаннинг олдида фоҳиша ролини ўйнашни маслаҳат берган эди. Бу ролни Тамара Ўнаннинг ўрнига Яҳудога ўйнаб берди. Тамара ғазабини енгди. У қасд қилмайди. У ҳақиқатни истаяпти. Янада аҳамиятлироқ собитликка умид қилиб, у ҳамма нарсани хавф остига қўйди. Фарзанд! Яшаш учун асос! Келажак ва умид! Ҳамма нарса Яҳудонинг қўлида эканлигини билиб, ичидаги кичкина ҳаёт алангасини ҳилпиратарди. — Балки омадинг келиб, боланг тушиб қолар, — деди Акса. — Агар бу содир бўлса мен болам билан бирга ўламан. — Сен олдинроқ ўлишинг мумкин. Акса қўллари билан юзини ёпиб, йиғлаб юборди. Тамара ғамгин жилмайди. Ҳеч қачон ҳақиқат бўйича иш кўрмаган, аммо ҳамма вақт одамзодга ишонишга уни нима мажбур қиларди? — Наҳот у Тамарани Ғурнинг қаттиққўллигидан ҳимоя қилди? Наҳотки Ўнан акасига нисбатан бурчини адо этиш ҳақида қайғурган? Яҳудо: «Сени Шелога олиб бераман», деган ваъдасини ўзи бузди. Ҳаёти шундай инсоннинг қўлида эканлигини била туриб, яшаб кетишига қандай қилиб умид қила оларди?! Лекин барибир Тамара умид қиларди. У умид қилишни маъқул кўрарди. У қорнида олиб юрган боласи учун, Яҳудонинг умиди ва келажаги бўлган бола учун қўрқувга берилмасликни истарди. Лекин ҳақиқатни айтиш вақти келганда, бу одам Тамарани эшитишни хоҳлармикан? * * * Тамара учун ҳукм ва ғазаб куни келгунча икки ой ўтди. Акса уни уйғотиш учун силкитди. Тамара ҳеч нимани англаёлмай ўрнидан турди. Лекин шу заҳотиёқ ишлаб турган жойида — тош девор олдида ухлаб қолганини тушунди. — Ўлдинг! — деди Акса, юзидан кўз ёшлари думаларди. — Ўлдинг! Хизматкор ухлаб ётганингни кўриб қолди, отангнинг олдига борди. Зимран мени чақирди. Мен ҳаммасини унга айтиб бердим. — У Тамаранинг қўлини қаттиқ сиқди. — Тамара, бу ердан қоч! Сен беркинишинг керак! Тамарани аллақандай хотиржамлик қамраб олди. Унинг кутиши якун топди. — Йўқ, — деди у хотиржамлик билан ва ўрнидан турди. Даладан икки акаси унга қараб келаётган эди. Келаверишсин. Улар яқинлашиб келиб, Тамаранинг юзига ифлос айбларни сочишди. Қўлидан ушлаб уйга олиб кетганларида ҳам, Тамара уларга бирон сўз демади. Ҳовлида отаси турарди, юзлари қизариб кетган, қўллари мушт бўлиб тугилган. — Сен ҳомиладормисан? — Ҳа. Боланинг отаси кимлигини сўрамай Зимран қизига қўл кўтарди. Биринчи зарб уни ҳолдан тойдирди. Оёқлари билан тепишни бошлаганда, у четга судралиб ўтди ва болани ҳимоя қилиш учун ғужанак бўлиб олди. — Мени айблашга ҳаққингиз йўқ! — дея ҳаққини талаб қилиб қаҳр билан бақирди отасига. — Ҳаққим йўқ? Сен менинг қизимсан! У яна Тамарани урди. Тамара қўрқа-писа оёққа тура бошлади, лекин отаси сочидан ушлаб орқага тортди. Тамара қутулиш учун отасининг қўлини тирнади. У гўё ичида шернинг боласини олиб юрибди-ю уни қутқариш учун урғочи шер каби олишарди. Тамара ўрнидан туриб, оёғига ўрнашиб туриб олди ва қўлларини кўтарди. — Мен сизнинг эмас, Яҳудонинг хонадонига тегишлиман! Ёки эсингиздан чиқардингизми? — Агар сени ўлдирсам, у мендан миннатдор бўлади! — Мени ким айблаши керак — фақат Яҳудо! Сиз эмас! Яҳудодан бошқа ҳеч ким! Зимран оғир нафас олиб, унга тикилиб қараб турар эди. — Сен бурнимнинг тагида ўзингни фоҳишалардек тутгансан! Мен сени ўлдираман! Тамара унинг кўзларида уят ва ғазаб ёшларини кўрди, лекин у тан беришни истамади. — Ота, нега Яҳудони машаққатлардан озод қиляпсиз? Нега сизнинг қўлларингиз менинг қонимга булғаниши керак? У мени олти йил олдин ташлаб кетди! Менга ва боламга тушадиган кўргулик унинг бошига тушсин! Отаси хизматкорини чақирди. — Бориб Яҳудога, Тамара фаҳшдан ҳомиладор бўлиб қолган экан, деб айт! Ундан, Тамарани нима қилайлик, деб сўра! Хизматкор даладан югуриб кетди. Зимран Тамарага ёмон қаради. — Сен, фоҳиша, бориб кутиб тур. Тамар бошини эгди. У қаттиқ титрар эди. Кафтлари тердан нам бўлиб қолди. Юраги дук-дук урди. Яҳудо келмаса-чи? * * * Тамаранинг бузуқлиги ва унинг ҳомиладорлиги ҳақидаги янгиликдан Яҳудо ларзага келди, қаттиқ ғазабланди. У Тамарани уйидан четлаштирганига олти йил бўлди. У, Тамара бутун умр жиддий ҳаёт кечиради, деб кутган эди. Агар у Тамарага нисбатан раҳмдил бўлса, унга яшашга ижозат берса, унда отасининг кимлигидан қатъий назар, бола унинг оиласи аъзоси бўлади. Лекин у бунга йўл қўя олмас эди. Аниқроғи, хоҳламас эди. Ғазабга хурсандчилик аралашди. Тамара унга ўзидан қутулиш учун имконият яратиб берди. Тамара энг қабиҳ йўл билан унинг хонадонига қарши гуноҳ қилди. Тамара устидан ҳукм чиқариш Яҳудонинг ҳуқуқи эди. Бурсабо ҳаёт бўлганда, хурсанд бўлган бўларди. Охир-оқибат у ҳақ бўларди: Тамара — ярамас аёл. Тамара Яҳудо учун Ғур билан Ўнаннинг ўрнини босди! Ҳаётида қилган энг доно иши Тамарага Шелони бермагани бўлди. Майли, у азобланаверсин. Яҳудо унинг дастидан азоб чекмадими? Тошбўрон қилиш — бу жуда енгил, жуда юмшоқ жазо. Худога қарши қилган жиноятининг оғирлигини ҳис қилсин. «Уни олиб чиқиб ёқиб ташланглар! Ёқиб ташланглар, деяпман!» — деб бақирди Яҳудо. Зимраннинг хизматкори эшик орқасига беркинишдан аввал, Яҳудонинг тақдирида ўзгариш бўлганини тушунди. Эртага энг кичик ўғли Шелога мос хотинни қидиришни бошласа бўлади. У оила қурадиган вақт келди. Тамара эшик ортида шовқин бўлаётганини эшитди. Яҳудо қандай қарор қабул қилганини тушунди. Онаси гапириб йиғлар, отаси бақирар эди. Тамара қўллари билан юзини беркитиб, ибодат қила бошлади: «Осмон ва ерни яратган Худо! Менга ёрдам бер! Биласан, Мен Сен танлаган халқ қаторига кирмайман. Мен разил аёл эканлигимни биламан. Агар ўғлинг Яҳудони севсанг, мени қутқар! Юрагим тагида кўтариб юрган боламни ҳам қутқар!» Акса хонага шошилиб кирди. — Яҳудо сени ёқиб юборишсин, деб айтибди. О Тамара… Тамара йиғламас, ўтиниб раҳм-шафқат сўрамас эди. У дарров туриб, устига похол тўшак ташлади. Рўмолини ечиб, Яҳудонинг ҳассасини ўради. Муҳрли тасмани бўйнидан ечиб, Аксанинг қўлига берди. — Бу нарсаларни Яҳудога олиб бориб бер. Тез бор, Акса. Унга айт: «Бу муҳрнинг эгаси Тамаранинг боласига отадир. Сиз бу нарсаларни танияпсизми?» Эшик ортида бесаранжомлик бошланди. Онаси қичқириб отасига ялинарди, отаси бўлса бақирар эди: — Мен уни огоҳлантирган эдим! Мен унга қачонлардир бевалик кийимини ечса, нима содир бўлишини айтган эдим! — Йўқ, сен қилолмайсан… — Хотин, йўлдан қоч! Тамаранинг ўзи айбдор! Тамара энагасини итарди. — Бор, Акса! Менга панд берма! Югур! Югур! Акса рози бўлиб чиқиб кетиши билан Тамара ўзини ҳимоя қили-ши мумкин бўлган хонанинг бурчагига тиқилди. Акалари уйга кирди. — Сизлар синглингизга раҳм-шафқат қилмайсизми? — Бизни шарманда қилгандан кейин нима қилайлик? Улар сингилни ушладилар. Кураш бошланди. Тамарани эплаш қийин бўлди. Ниҳоят, улар Тамарани девор тагидан судраб эшик ортига ирғитишди. Отаси ташқарида турар эди. — Яҳудо сени ёқиб юборишни буюрди. Ҳозир сен ёниб кетасан! Наҳотки, улар Тамарани осонликча ўлади, деб ўйлашяпти? Наҳотки, улар, Тамара ҳали туғилмаган боласининг ҳаёти учун курашмайди, деб ўйлашяпти? Тамара оёғи билан акаларини тепиб, қўлларини тирнар, тишлаб бақирарди: «Бўлмаса, Яҳудо мени ёқиб юборсин!» Улар Тамарани уришди, Тамара ҳам жон-жаҳди билан уларни дўппосларди. — Унинг ҳукми қандай бажарилаётганини ўзи ҳам кўрсин! Ме-нинг олдимга Яҳудони олиб келинглар! Нега менинг ўлимим сизнинг виждонингизга ҳавола бўлиши керак? — У тирноқлари ва тишларини ишга солди. — Яҳудонинг ўзи мени оловга ташласин! Яҳудо қўлида ўроғлиқ нарса билан у томонга югуриб келаётган аёлни кўрди. У қошларини чимириб, қуёш нуридан кўзларини кафтлари билан тўсди, Тамаранинг энагаси Аксани таниди. Шубҳасиз, у разил аёл учун раҳм-шафқат сўраб келган. Ҳансираб ва чарчоқдан тебраниб Акса тиззалаб қолди. Ўроғлиқ нарсани унинг оёқлари остига қўйди. — Мени Тамара жўнатди… У бошқа гапиролмай, қора рўмолнинг учини тортди. Ерга ҳасса думалаб тушди — Яҳудонинг ҳассаси! Кейин у қўлини узатиб тошли муҳр босилган қизил тасмани кўрсатиш учун кафтини очди. Яҳудо уни қўлларидан муҳрни юлиб олди. — Бу сенга қаердан келиб қолди? — Тамара… — Ў, хотин, қаттиқроқ гапир! — Тамара! У менга айтди: «Бу нарсаларни Яҳудога олиб бориб, унга шундай дегин: «Бу муҳр билан ҳассанинг эгаси боланинг отасидир». Акса яхшилаб нафас олиш учун бошини қуйи туширди. Яҳудо кўнгли айниётганини ҳис қилди. У ҳассасини кўтарди, бутун бадани музлаб кетди. Йўлдаги фоҳиша — Тамара эди! У кийимини алмаштириб, айёрлик қилиб, Ғур ва Онаннинг отасини ўз бурчини адо этишга мажбур қилди. Яҳудони уят ҳисси қамраб олди. Бирон ҳаракат ҳам ҳали эсидан чиқмаган эди. У Худодан ҳеч нимани беркитолмас эди. Эти жимирлаб кетди. Сочлари тикка бўлди. — Яҳудо, қачон адолат бўйича иш тутасан? Сўзлар унинг қулоғига оҳиста шувиллаш каби кирди. Бир неча йил олдин бу сўзларни унга Тамара айтган эди. Энди бу сўзлар мулойим, таҳдидли, Яҳудонинг шуури ва юрагининг туб-тубигача кириб борувчи оҳангда айтилди. Яҳудо қўллари билан бошини чангаллади. Уни қўрқув қамраб олди. — Хўжам? Акса кўзларини катта очди. Яҳудо бақириб юборди ва югуриб кетди. У ҳаракатга келтирган ҳукмини тўхтатиши керак! Агар у Зимраннинг олдига вақтида етиб бормаса, унинг виждонини икки кишининг ҳаёт эгаллайди — Тамаранинг ва юрагининг остида олиб юрган боласининг ҳаёти. Ўз боласининг ҳаёти! — Эй, Худойим, мени кечир! — у ҳеч қачон ҳозиргидай югурмаган эди. — Бу гуноҳ менинг виждонимда бўлсин! Нега у исмоилийларнинг орқасидан шундай югурмаган эди? Нега уларнинг қўлларидан укаси Юсуфни қутқармаган эди? Энди ўша пайтда қилинган гуноҳни тўғирлаш учун жуда кеч. Эй, Худойим, отам Ёқубнинг Худоси, шафқатли бўл! Тамарани ва боласининг ҳаётини сақлаб қол! Уни кутиб олишга Зимран билан ўғиллари чиқишди. Улар Тамарани ҳамон судрашар, Тамара эса телбаларча қаршилик кўрсатар эди. Акалари уни оёқлари билан тепар, отаси бўлса сочидан тортар эди. Зимран сўкиб туриб, уни Яҳудога итарди. — Уни қўйиб юбор! — бақириб юборди Яҳудо. Зимран яна Тамарани урган эди, Яҳудо ғазабдан қайнаб кетди. — Уни яна бир марта уриб кўр, мен сени ўлдираман! Зимран ўзини йўқотиб қўймади: — Ўзинг бизга, ёқиб юборинглар, деб хабар жўнатган экансан! Сен бунга тўла ҳақлисан. У сенга хиёнат қилди, у ўзини фоҳишалардек тутди. Тамара — ҳамма ёғи чанг, кўкарган, юзидаги жароҳатларидан қон оқар, миқ этмай турарди. У дўппосланган, қайналган ва шарманда бўлган эди. У жим турарди. Яҳудонинг юзи ловуллаб ёнарди. Унинг ҳам қачонлардир бу ёш аёлга раҳми келганми? У Ғурнинг ҳақоратларига чидаган, ўғлига бирон марта, бас қил, деб танбеҳ бермади. У Ўнан томондан топталган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишини сўраганда, фоҳишага тақлид қилишни маслаҳат берган эди. У ҳақиқатни талаб қилган эди, Яҳудо уни ташлаб кетди. У ҳеч қачон шаҳар дарвозалари олдида бақириб, унга шармандалик келтирмади. Бунинг ўрнига, у уйига бола ҳадя этиш учун фоҳишанинг кийимини кийиб, ўзини хўрлади. Кейин эса унинг буюк номини ҳимоя қилиб, унинг гуноҳини ҳаммага кўрсатиб намойиш қилмади. Яширинча Яҳудога ҳассаси билан муҳрли тасмасини қайтариб берди. Яҳудонинг кўзлари ёшга тўлди. Томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Тамара унинг олдида дўппосланган, қонга беланган ҳолда бошини эгиб турарди. Лекин ўзини ҳимояси учун ҳеч нима демади. Ҳар доим кутгандай, Яҳудонинг адолатли, ростгўй бўлишини ҳали ҳам кутарди. «Яҳудо, сен қачон ҳақиқат бўйича иш тутасан?» — Мен ваъдамнинг устидан чиқмадим, Шелога турмушга чиқишига йўл қўймадим. — Бўлиши мумкин, лекин у менинг уйимда яшаб туриб фоҳишалик қилишга ҳаққи йўқ эди! Яҳудо канъонликнинг қора кўзларига қараб, бу кўзларда ўзининг тош юраги аксини кўрди. Тамара Зимраннинг ғурурини поймол қилди, шунинг учун уни ўлдиришга бел боғлади. Яҳудонинг ғурури яксон бўлган эди. У Тамарани бошқаларнинг гуноҳи учун айбламаётганмикан? Виждони қайналмасдан у Тамарадан воз кечди, уни ташлаб кетди. Яқингинада Тамара оловда азоб чекиб ўлишини билиб, унинг устидан ҳукм чиқариб ғурурланган эди. У Тамарага нисбатан бир неча юз марта гуноҳ қилган, бу гуноҳ унга нима келтиргани билан эса ҳали бир марта ҳам қизиқмади. Энди гуноҳлар унга дуч келганда, унинг олдига танлов имконияти рўпара бўлди: гуноҳ қилишни давом эттириш ёки тавба қилиш. Тамара бошини кўтариб, Яҳудога қаради. У Тамаранинг кўзлари чақнаб кетганини кўрди. У ҳозироқ Яҳудони фош қилиши мумкин. У Яҳудони тинимсиз хўрлаши мумкин эди. У Яҳудони Енахим чорраҳаси яқинида алдаганини айтиб отасининг, акаларининг ва ҳамманинг олдида кулгу бўлишига ва ундан ортиғига лойиқ эканлигини биларди. У Тамаранинг ғазаби, қайғуси ва дард-аламини кўриб турарди. У Тамарани тушунди. Лекин бу унинг ниятини ўзгартирмади. Яҳудо Зимранга яқинлашиб, ҳассасини кўтарди. У уришга тайёр бўлиб икки қўли билан ҳассани ушлаб турган эди. — Зимран, ундан қўлингни торт. Бу бола меники! У олдинга яна бир қадам ташлаган эди, Зимранинг ранги оқариб кетди. Канъонлик орқага тисарилди. У билан бирга ўғиллари ҳам орқага тисарилди. — Бўлмаса, уни олиб кет. У билан нимани хоҳласанг, шуни қил. Зимран ҳайратда қолди. У катта-катта қадам ташлаб нари кетди, кейин орқасига қаради. Ўғиллари ҳам унинг изидан кетишди. Тамар чуқур нафас олди, тиз чўкиб ўтирди. Бошини эгиб у қўлларини Яҳудонинг чанг бўлган оёқларига қўйди. — Мени кечиринг, хўжам. У йиғлар, елкалари силкинарди. Яҳудонинг кўзлари ёшга тўлди. У битта оёғига тиз чўкиб, Тамаранинг кифтига қўлини қўйди. — Тамара, мен сенинг кечиримингга зорман. Тамаранинг йиғиси унинг юрагини эзиб юборди. Тамара қаттиқ титрар эди. Битта кўзи кўкариб шишиб қолди. Лаблари қонга беланган. Кийими йиртилган, тагида эса тошлоқ ердан судраганларидан бадани тирналган жойлар кўриниб турарди. Анча йиллар олдин Яҳудо биринчи марта Зимраннинг даласида Тамарани кўрганда, унда бошқа бир нарса борлигини сезган, уни ўз уйида яшашини хоҳлаган эди. Тамара канъонлик эди, лекин у ростгўй, содиқ қиз. У кучли ва иродали. Албатта, ўғлига уни Худо танлашини хоҳлаган эди. Тамара Яҳудонинг уйини бутунлай вайрона бўлиб кетишидан сақлаб, фарзанд ҳадя этиш учун ҳаётини хавф остига қўйди. Яҳудо қўллари билан юзини беркитди. — Сенга қилган гуноҳларим учун отам Ёқубнинг Худоси мени кечирсин! У Тамаранинг пешонасидан ўпди. Тамара бўшашди. — Сизнинг олдингизда қилган менинг гуноҳларимни ҳам. Тамара кулди. Кўзларида ёш ялтирар эди. Яҳудо бу аёлга бўлган мулойим муносабатини ҳис қилди. Тамара қоқилиб кетмасин, деб, Яҳудо орқада кетди. У Тамарани қўлидан ушлаб, уйигача олиб борди. Акса унинг жароҳатларини тузатишга тайёр бўлиб, уларга пешвоз чиқди. Яҳудо бошини қўллари билан ушлаб олиб уйи эшиги олдида турар эди. Такаббурлиги итоатга айланди. Чин қалбдан ибодат қила бошлади. Олдинлари ҳеч қачон ўзи учун эмас, бошқа инсон учун ибодат қилмаган эди. Ниҳоят, Акса унинг олдига чиқди, у ҳаяжонланаётган эди. — Унинг аҳволи қандай? — Ухлаяпти, хўжам. — Акса кулди. — Менимча, ҳаммаси жойида. Тамара боласидан маҳрум бўлмади. Худога ҳамду санолар бўлсин. У подасининг олдига борди, нуқсонсиз, ҳаммасининг ичидан энг яхшисини — қурбонлик қилинадиган қўзичоқнинг такасини танлади. У Худонинг олдида гуноҳлари учун тавба қилди, гуноҳларини ювиш учун қўзичоқнинг қонини тўкди. Кейин у Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси олдига мук тушиб, Ундан кечиришини, йўл-йўриқ кўрсатишини илтижо қилиб сўради. Неча йиллардан бери яхши ухлолмай босинқираб чиққан Яҳудо шу кеча тинч ухлади. * * * Акса ўзини худди жарликнинг четида юргандай, хоҳлаган пайтда тушиб кетиши мумкиндай сезарди. Тамара жуда ўзгариб кетди. У уйини бошқарарди. Биринчи қилган иши Бурсабонинг бутларини йўқ қилиб ташлашни буюрди. Шело қаршилик билдирди, лекин Яҳудо қатъият кўрсатиб, Шелони қўллаб-қувватламади. Акса Тамарадан, шу ишни қилмагин, деб ўтиниб сўради, лекин бу бефойда эди. Акса яширинча худога ичимлик назр қилар, канъонлик худоларга — саватига беркитиб олган ҳайкалчаларга ибодат қиларди. Тамарага бўлган севгиси ва содиқлиги туфайли, у буни ҳар куни қиларди. Лекин Акса бу удумни бажараётган пайтда Тамара уни ушлаб олди бу ишга чек қўйди. — Агар менинг ўрнимга кечирим сўрашни истасанг, бутларингни йиғиштириб, уларни олгин-да, отамнинг уйига кетавер! — Мен фақат сенга ёрдам бермоқчиман. — Акса йиғлаб илтижо қилди. — Илтимос, эски урф-одатларни унутма. Мен худолар билан сен ва ўғлинг ҳақида гаплашяпман. — Акса, бизнинг урф-одатларимиз нотўғри. Мен эски урф-одатлар билан алдандим. Агар сен уларга сажда қилишда давом этадиган бўлсанг, кетавер! Тамара сопол бутни олиб деворга отиб чилпарчин қилиб юборди. Акса эса бақириб юборди: — Руҳлар сенга қарши ғазабланишини хоҳлаяпсанми? — Бу бола Яҳудо ва унинг Худосининг халқига тегишли. Бошқа ҳеч қандай худолар бу уйга чақирилмайди. Агар Баалга шароб назр этаётганингни кўриб қолсам, сени ҳайдаб юбораман. Тамара кўзда ёш билан Аксани қучоқлади. — Акса, мени шунга мажбур қилма. Мен сени яхши кўраман, лекин биз Яҳудонинг Худосига сажда қиламиз, бошқа ҳеч кимга! Акса ҳеч қачон Тамаранинг кўзлари бундай ғазабнок боққанини кўрмаган эди. Тамарага ҳомиладорлигининг бошида бўлиб ўтган воқеалар таъсир қилганига амин бўлган Акса Яҳудога ёрдам сўраб мурожаат қилди. Албатта, у ҳамма худоларнинг хотиржамлиги ва ўғлининг ҳимояси учун чора топади! Бироқ Яҳудонинг гапларига Акса ажабланди. — Акса, менинг уйимда бошқа худоларга ўрин йўқ. Тамара сенга нима деган бўлса, ўшани бажар. Аксанинг тарвузи қўлтиғидан тушди, лекин бўйсунмасдан бошқа иложи йўқ эди. Ойлар мобайнида Тамаранинг соғлиғига эътибор берди. У Тамарага таом тайёрлар, дам олиш ҳақида эслатиб турар эди. У Тамаранинг қорнини уқаларди. Бола биринчи марта қимирлаганда ҳам сезди. У Тамара билан унинг хурсандчилигини баҳам кўрар эди, чунки уни ўзининг фарзандидай севарди. У ўтириб Та-маранинг хурсанд ва севгидан порлаётган чеҳрасини, қорнини силашини томоша қилишни хоҳлар эди. Тамара хотиржам, Акса бир куни Барҳаёт Худога: «Тамара билан ҳаётини хавф остига қўйган боласига раҳм-шафқат кўрсатгин», деб илтижо қилаётганда, хотиржам бўлди. Туғруқ вақти яқинлашганда, Акса Тамарадан, пана жой тайёрлаб кўяйми ё керак эмасми, деб сўради. — Тайёрлаб қўявер, — деб жавоб берди Тамара, — лекин эски урф-одатларга амал қилма. Менга сўз бер! Акса сўз берди ва сўзининг устидан чиқди. Унинг ўзи пана жой тайёрлади, қаттиқ ерни супурди, бўйра тўшади, лекин шу билан бирга, бирон сўз айтмасди ҳам, куйламасди ҳам. Бунинг ўрнига, Яҳудонинг Худосига ибодат қилди, чунки бу Яҳудонинг боласи эди. — Эй Яҳудонинг Худоси, Тамарани ўзинг сақла. Туғруқни ҳимоя қил, Яҳудонинг халқи билан яшаш учун ҳамма нарсадан воз кечган қизчага мадад бер. Унга бўлган севгим туфайли Сенга ибодат қиляпман. Ўз меҳрингни унга кўрсат. Унинг боласи уни севадиган, қарилигида у ҳақда ғамхўрлик қиладиган ўғил бўлсин. Кучли, ор-номусли бўлиб вояга етсин. Туғруқ оғир ўтиши керак эди. Акса бунга тайёр эди, чунки Тама-рага қараб юриб, унинг ичида бир эмас, Яҳудонинг икки меросхўри борлигини билиб олди. Зимраннинг уйида Акса тез-тез доялик қиларди, лекин ҳеч қачон бундай оғир туғруқларнинг гувоҳи бўлмаган эди. У кучли оғриқларга шикоят қилмай чидаётган Тамарани янада қаттиқ севиб қолди. Соат сайин Тамара терга ботиб кучанар эди. Бақирмаслик учун у чарм камарни тишлаб олган эди. — Бақир, Тамара! Бу сенга ёрдам беради. — Яҳудо эшитиб қолиб хавотирланади. — У азобларингнинг сабабчиси! Эшитсин! Аминманки, Бурсабо ҳам бақирган! — Мен Бурсабо эмасман. Тамаранинг бўйнидаги томирлар тортишди, кўзларига ёш келди. — Худога ҳамду сано айт, Акса! Дард бошланганда, оғир инграш кўкрагидан отилиб чиқди. Тамара ўтирган тош сув аралаш қон бўлиб кетди. Акса куйлаб юборди, умидсиз куйлаб юборди. — Худо номини тантанали эълон қиламан! Унинг исмини тантанали эълон қиламан. Яҳудонинг Худоси, Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худосини улуғлайман… — Унинг йўллари ҳаққоний. Тамара ичидан чуқур нафас олди, яна оғир инграб юборди. Кучаниб, қўллари билан тиззасини қучоқлади. Биринчи боланинг қўлчаси пайдо бўлди. Акса тезлик билан чақалоқнинг билагига қизил ип бойлаб қўйди. — Буниси биринчи чиқди, — эълон қилди у. — Эй, Худойим, раҳм-шафқатли бўл! — деб бақириб юборди Тамара. Бола қўлини олди. Тамара тишларини ғичирлатди, яна кучанишни бошлади. Акса талваса ичида дуо ўқиб, Тамаранинг қорнига қўлига қўйди. Ичида иккита бола курашаётганини сезди. Улар қимирлашар, айланишар, бир-бирларини итаришар эди. Тамара яна бақириб юборди, биринчи бола чиқди. Олдинга ҳаракат қилиб, уни қабул қилишга тайёр турган Аксанинг қўлларига тушди. — Ўғил! — Акса хурсанд бўлиб кулди ва бирданига ҳайратдан оғзи очилиб қолди: — Нима? Бу боланинг билагида қизил ип йўқ эди. — Қандай қилиб биринчи чиқдинг? Унга Парас деб исм қўйиш керак, — деди у, — чунки Парас «узмоқ» деган маънони билдиради. Бир неча сониядан кейин иккинчи бола туғилди, яна бир ўғил! Билагидаги қизил ип иккинчи бўлиб чиққан бўлса ҳам, унинг тўнғичлигидан далолат берарди. Шу қонга беланган ипни деб унга Зараҳ деган исм беришди, маъноси эса «алвон» эди. Тамара ҳорғин кулди. Болалар чиққанидан кейин, у бўйра тўшалган полга ётди ва чуқур нафас олиб кўзларини юмди. — Ўғиллар, — деди у оҳиста ва кулди. Акса киндигини бойлади, гўдакларни ювинтирди, уларнинг устига туз сепди, йўргаклаб онанинг қўлларига қўйди. Тамара Зараҳ билан Парасга қараб кулди. — Кўрдингми, Акса, Худо нима қилди? Уруғ билан ночорни кўтарди. У мени чанг, тўзон ва кулдан кўкка кўтарди, менга ўғиллар берди! Тамара кулар, кўзлари эса хурсандчиликдан ёнарди. * * * Яҳудо Тамарани қўлида икки фарзанд билан кўриб соқов бўлиб қолди. У ларзага келган эди. Қилган гуноҳларига қарамасдан Худо уни икки карра кўп бу иродали канъонлик аёл орқали қўллади. У ўғилларига ва бошдан кечирган қийинчиликлардан ҳали ҳам беҳол бўлган уларнинг онасига қарар эди, Тамарани севишини тушуниб турарди. У фақатгина севиб қолмасдан, уни ҳурмат қиларди, у билан фаҳрланар эди. Ғур учун уни уйга олиб келганда, ҳатто Худо қизни уни айбига иқрор бўлиш, унинг юрагини ва ҳаётини ўзгартириш йўлида фойдаланишини хаёлига ҳам келтирмаган эди! Тамара олқишларга лойиқ бебаҳо аёл эди! У Яҳудога тикилиб қаради. — Мен ўғилларимни Худонинг фарзандлари бўлишини истайман. Худо нимани талаб қилса, улар билан шуни қилишингни хоҳлайман, токи улар Худонинг халқи қаторидан жой олишсин. — Саккиз кундан кейин мен уларни суннат қилдираман ва саёҳат қила оладиган бўлганингда, биз бу ердан кетамиз, отамнинг чо-дирига қайтамиз. Яҳудо ёноқдаги сочлардан оқиб тушаётган шашқатор кўз ёшларни кўрди. У Тамаранинг кўзларида шубҳани кўриб, сабабини дарров тушунди. У ҳеч қачон Бурсабодан кўрган ўғилларидан яхшилик кўрмаган эди. — Тамара, менинг отам сени хурсандчилик билан қабул қилади, онам эса сени яхши кўриб қолади. Онам сени ва ўртамиздаги бўлиб ўтганларни бошқалардан кўра яхши тушунади. Тамара ҳали жуда ёш эди. Ҳеч бир аёл ҳеч қачон Яҳудо учун бунчалик мафтункор бўлмаган эди. У Тамаранинг йўлини равон қилади. Тамара бошини кўтарди. — Онангиз мени қабул қилишига қандай қилиб амин бўлишингиз мумкин? — Менинг онам отамнинг олдига ёпинчиқда кирган. Унинг қора кўзлари ҳайратдан чақнаб кетди. — Фоҳишаларга ўхшаб кийинганми? — Келинларга ўхшаб кийинган эди, лекин отам хоҳлаган келин эмасди. — У қайғули жилмайди. — Лекин барибир отам уни ўзгача севарди. У отамга олти ўғил ҳадя этди. Мен тўртинчисиман. Яҳудо Тамаранинг бўйнидаги сим қаттиқ сиқилаётганини кўрди. У жуда ҳаяжонли кўринар эди. Бир неча сониядан кейин у Тамарани нима безовта қилганини тушунди. Юзи қизиб кетди. У Тамаранинг қўлларини қўллари орасига олди. — Тамара, сен мени нотўғри тушундинг. Бўлажак биргаликдаги ҳаётимиздан хавотир олма. Мен эр хотинини ҳурмат қилиши керак бўлгандек, сени ҳурмат қиламан, лекин энди сен менга қиз бўласан. Мен канъонлик каби яшамайман. Сўз бераман. Тамара кечирим сўрагандай унга жилмайди. — Мен ваъдамнинг устидан чиқмоқчиман! Унинг қора кўзлари чақнади. — Яҳудо, мен сизга ишонаман. Сиз ҳаққоний йўл тутасиз. Бахтиёрликдан Яҳудонинг нафаси тиқилди. У эҳтиёткорлик билан Тамаранинг қўлларини олиб, ўпиб қўйди. Хотима Йиллар ўтди. Яҳудо жуда ўзгариб кетди. У отаси билан илиқ муносабатларини яхшилади, ака-укаларининг ўртасида эса ўзини энг муносиб деб топди. Уларнинг ерига келган очликни Ёқубнинг хонадони енгиб ўтиши учун Яҳудо уларни Мисрга нон учун ўзи билан олиб борди. Кейин Худо қачонлардир сотиб юрган укаси Юсуф билан уни юзма-юз учраштирди. Ака-укалар фиръавн назоратхонасида энди Царнаф-панеах номини олиб юрган Юсуфни танишмади. Юсуф уларни текшириб кўришга қарор қилди. У қул сифатида Роҳиланинг энг кичик ўғли Беняминни қолдиришларини сўраганда, Яҳудо олдинга чиқди ва укасининг ўрнига ўзининг ҳаётини таклиф қилди. Яҳудода бўлган ўзгаришларни кўрган Юсуф йиғлаб юборди, акаларига сирни очди. У аллақачон уларни кечириб юборган эди, энди ҳозир бемалол қучоқлашиб кўришса бўлади. Юсуф бой ерга — Гашанга даъво қилишлари учун Ёқубни бутун оиласи билан Мисрга олиб келиш учун Яҳудо билан бирга ҳамма акаларини Канъонга юборди. Тамара Яҳудо билан бирга кетди. Унинг ўғиллари катта бўлишди, ўғилларининг ўғиллари ҳам вояга етишди. Ёқуб — Исроил ўлим тўшагида ётиб ҳамма ўғилларини атрофига йиғди, ҳар бирига оқ фотиҳа берди. Яҳудо энг буюк оқ фотиҳани олди. Яҳудодан салтанат ҳассаси кетмайди. Тамара туғиб берган ўғиллари билан ваъда қилинган Худонинг шоҳлигини қабул қиладиган Масиҳ пайдо бўлади! Охирги кунигача Яҳудо Тамарага берган ваъдасини бузмади. Ҳатто уни севса ҳам, у ҳеч қачон Тамара билан бирга ётмади. Ва бошқа ҳеч қандай аёл билан ҳам бирга ётмади. РАҲОБА Иснод келтирмайдиган Ҳаракатнинг вақти ва жойи Худо танлаб олган халқ — Исроил ўғиллари оилалари билан ўз юртларидан очликдан қутулиш учун Миср ерига келишди. Ўн икки ака-укалардан бири — Юсуф катта лавозимни эгаллаб, Мисрни бошқарар, шунинг учун унинг оиласига, худди фиръавннинг меҳмонлари каби, иззат-икром билан муносабатда бўлишарди. Аммо йиллар ўтиб яҳхудийлар сони кўпайди. Улар фиръавн марҳаматидан маҳрум бўлгач, мисрликларнинг қулларига айландилар. Уларни қутқариш, Мисрдан олиб чиқиш учун, Мусонинг йўлбошчилиги ва Худонинг мўъжизалари керак бўлди. Худо Ўзи танлаган халқни уйларига — сизларга тоабад бераман, деб ваъда берган Канъон юртига бошлаб борарди. Исроил халқи яшашни орзу қилган юртга келди, аммо Худога ишончини йўқотди. Улар Канъонликларнинг куч-қудратидан қўрқдилар, Эгамиз уларга: «Боринглар, ўша ерлар-ни эгалланглар», деб амр берган бўлса ҳам, Унинг амрига бўйсунмадилар. Халқ йўлдан озди, Худога итоат этмади. Шунинг учун Худо уларни қирқ йил бу юртда яшашдан маҳрум қилди. Бу вақт мобайнида улар саҳрода дарбадар бўлиб юришди. Катта авлод вакиллари Мисрдан чиқдилар, аммо ўзларининг Нажоткори кўрсатган йўлдан бормаганлари учун улар саҳрода сарсон-саргардон бўлиб оламдан ўтдилар. Ниҳоят, янги авлод ўсиб-улғайди. Улар Худо ато этган Канъон юртини эгаллашга, Унинг кўрсатмаларини бажаришга тайёр эдилар. Мисрдан чиққанлардан фақат Мусо билан унинг ёрдамчилари — Ёшуа Нун ва Холиб тирик қолган эдилар, холос. Исроил халқи орзу қилган ерга яқинлашганларида, бирон халқ уларни мағлуб қила олмади. Олдин шоҳ Ирод, кейин шоҳ Сигон, сўнг Башан шоҳи Ўг — исроилликлар қиличидан ҳалок бўлдилар, ҳаммасининг лашкари нобуд бўлди. Ғазабланган Мўаблик шоҳ Балак пайғамбари Баламга, исроилликларни лаънатла, деб илтимос қилди. Аммо Эгамиз Балакни қўрқувга солиб, пайғамбар Балам орқали Ўзи танлаган халққа марҳамат кўрсатди. Ниҳоят, хатто бирлашган Мидиёнларнинг бешта шоҳлари лашкари ҳам Исроил халқини зафарли юришига тўсқинлик қила олмади. Евим, Рекем, Цур, Хур ва Рева шоҳлари ҳалок бўлдилар, уларнинг лашкарлари қириб ташланди. Уларнинг шаҳар ва қишлоқларига ўт қўйилди, барча бойликларини яҳудийлар ўлжа қилиб олиб кетишди. Фурсат етди. Исроил халқи Эгамиз мерос қилиб берган юрт — Канъон юртини олишга тайёр бўлди. Ёшуа Исроил халқининг янги йўлбошчиси бўлди, бу пайтда Мусо вафот этган эди. Одамлар сўнгги тўсиқ — Иордан дарёсидан Канъон юртига ўтишга шайландилар. Баҳор пайти бўлгани учун, дарё соҳилларини тез-тез сув босиб турарди. Атрофдаги ҳамма халқлар, Исроил халқи Ситтимга, Ерихо ерларига яқин келиб қолдилар, деб ваҳимага тушдилар. Канъонга кириш учун дарвоза ҳисобланган қалъалар билан ўралган Ерихо қўрқувдан қотиб қолди. Биринчи боб Раҳоба уйи деразасидан Ерихо текисликларига, узоқ-узоқларга тикилиб турарди. У ҳам қўрқув, ҳам ҳаяжонни бошидан кечирарди. У ерда — Иордан дарёси ортида исроилликлар жойлашган, Раҳоба турган шаҳар билан Исроил халқини фақат сув босган соҳиллар ажратиб турарди, холос. Ҳадемай улар дарёдан ўтиб Ерихо шоҳига қарши аёвсиз хужум қилишади, худди Сигон, Ўгах ва Мидиённинг бешта шоҳига қарши жанг қилишгандай, Ерихо аҳолисининг ҳаммаси ҳалок бўлади. Шоҳ дарвоза қўриқчиларини икки баробар кўпайтирди, ҳар бир қалъа девори олдига қоровуллар қўйди. Аммо бу бефойда. Ҳалокат яқинлашмоқда. Қутулишнинг биргина йўли бор: бу ҳам бўлса, таслим бўлиб, раҳм-шафқат сўрамоқдир. Шоҳни бостириб келаётган лашкарнинг кўплиги ҳавотирга соларди, холос. Аммо у энг асосийсини — яҳудийларнинг Худоси унга қарши чиққанини англаб етмас эди. Фиръавннинг ҳамма лашкарлари яҳудийлар Худосини қирқ йил олдин енгишга ожизлик қилган эди. Ҳатто худолар тўдаси ҳам Мисрни қутқариб қола олмади. Ерихо шоҳи фақат қалъаларни мустаҳкамлаш, қурол-аслаҳа тўплаш ва лашкарнинг сонини кўпайтириш билан овора эди. Наҳотки, одамларнинг ҳеч қачон ақли кирмаса! Ерихо ўлимга маҳкум қилинган! Раҳоба бу шаҳарда ҳибсга олингандай эди. У ҳозирги ҳаёт тарзидан нафратланарди. У фоҳиша бўлса, нимадан ҳам умид қилиши мумкин?! Унинг тақдири болалик пайтидаёқ — оддий деҳқон қизини шоҳ ўз ҳузурига олдириб келтирилгандаёқ белгилаб қўйилган эди. — Сен унинг олдига боришинг шарт! — деди отаси. — Сен шоҳнинг саройида хизмат қилсанг, мен ҳузур-ҳаловатда яшайман. Шоҳ опаларингни ҳам турмушга узатади. Агар сен бош тортсанг, у: «Отаси тўсқинлик қилмасин», деб аввал мени ўлдиради, кейин барибир сенга етишади. Сенга кўрсатаётган иззат-икром, обрўйинг ҳақида яхшилаб ўйлаб кўр. У фақат энг гўзал қизларни танлайди. Ор-номус ҳақида? — У менга уйланармикан? Ота қизининг кўзига қарай олмади. Отаси қандай жавоб беришини Раҳоба билар эди. Шоҳнинг бир нечта хотини бор, уларга фақат давлат манфаатини ўйлаб уйланган. Шоҳга қизнинг бадани керак эди, холос. Қиздан бошқа ҳеч нарса керак эмас эди шоҳга! Раҳоба ёшлигиданоқ шаҳвоний нафс оловдай куйдиришини, бора-бора кулга айланишини жуда яхши биларди. Ҳафта, ой, балки бир йил ўтгач, у шоҳнинг жонига тегади. Унга бир қатор чиройли бобил либосларини кийдириб, ясантиради, олтин тақинчоқлар инъом қилади, кейин уйига жўнатиб юборади. Отаси бу тақинчоқларни олиб сотиши ва пулини ўзига қолдириши турган гап. — Мен қайтиб келганимдан кейин, ҳозиргидай бозорда хурмо қоқи ва анор сотишим мумкин бўладими ёки мени ҳам бошқаларнинг тақдирига ўхшаш тақдир кутадими? Мен ўз танамни бир бурда нонга сотаманми? — деб эътироз билдирди Раҳоба отасига. Ота юзини қўллари билан беркитиб йиғлаб юборди. Ота ўз қизи-нинг номусидан фойдаланиб бойлик орттирмоқчи эди, отасининг бу қилиғи унга нисбатан қизда нафрат туйғусини кучайтирди. Отаси ўзини оқлаб, сарой ҳаётининг афзалликларини, у ердаги ҳаёт ўзларининг кулбасидаги онаси, укалари ва опалари билан кечирёатган ҳаётдан қанчалар афзал эканлигини ҳам кўрсатишга уринди. Айниқса, отанинг ўз қизини бу кулфатдан қутқаришга ожизлиги Раҳобанинг ғазабини баттар алангалатди. Ҳаммасидан ҳам у ўзининг ожизлигидан нафратланарди. Ҳатто Раҳоба ғазабланганда ҳам: «Отам мени шоҳнинг шаҳвоний нафсидан қутқара олмас эди», деб яхши тушунарди. Шоҳ нима истаса, шуни қила олиши мумкин эди. Унинг совға-саломлари ўч олиш тўғрисидаги фикрларни бостириш учун керак эди. Яшаш оғир: ҳаммаси тасодифга боғлиқ, омад келса, гўзал қиз отасининг ҳаётини ўз ҳаёти эвазига енгиллаштириш мумкин эди. Булар — солиқлардан озод бўлиш, ер олиб, дехқончилик қилиш ва ҳукмда устун бўлиш имкониятлари эди. Шоҳ истаганда, жуда сахий бўлиб кетади, лекин унинг истаги шаҳвоний ҳирсга ўхшаб узоқка чўзилмаслиги оддий ҳолдир. Раҳоба деразага суяниб диққат билан текисликни кузатиб турар-ди. У биринчи бор шоҳнинг кошонасига қадам босганда: «Мен ҳеч қачон керак бўлмаганда ташлаб юборадиган буюмга ўхшаб қолмайман», деб онт ичганини эслади. Ҳозир унга иштиёқ билдирган эркакдан қандай қилиб фойдаланиш мумкинлигини қиз ўйлаб турибди. Раҳоба шоҳнинг эркалашларидан ўзини лаззатланаётгандек қилиб кўрсатиб, унга бўлган қаҳр-ғазабини яширди. Улар бирга бўлганларида, қиз доим хужум қилишга тайёр арслондек сергак бўлиб қоларди. Раҳоба шоҳнинг заиф томонларини кутар ва кузатар эди. Кўп ўтмай, билиб ҳам олди. Шоҳнинг ҳузурига доим айғоқчилар, жосуслар ва чопарлар келиб туришарди. Тўхтовсиз келиб турган хабарлардан ким шоҳнинг душмани ёки ким унга ҳасад қилаётганини, ким унга қарши қўзғолон кўтармоқчи бўлганини билиш қийин эди. — Менга бирон уй ҳадя қилинг, сиз учун фойдали маълумотларни тўплаб юраман, — деб дадил таклиф қилди Раҳоба қулай фурсатдан фойдаланиб. Унинг топқирлигидан шоҳ кулди! Сўнг икковлари биргалашиб кулди. Аёл нозу карашмалар билан шоҳдан: «Илтимосимни ерда қолдирманг», деб ёлвориб сўрайверди. Чунки вақти келиб, ўша уй Раҳобага асқотиб қолиши мумкин эди. «Қачонлардир бу саройни тарк этганимдан кейин, ўзимнинг аниқ, қўлга илинган нарсам бўлади-ку», деб аёл бу истагини амалга ошириш учун фикрида қатъий туриб олди. Келажакда фаровон ҳаёт кечириш учун у ҳамма нарсага рози эди. Раҳоба ўзини бунга лойиқ деб хисобларди. Чунки семиз, сассиқ, ўжар чолнинг бемаъни қилиқларидан у азоб чекса ҳам, чидарди! Ҳа, Раҳоба истаган нарсасига — катта уй, фаровон ҳаёт ва сохта мустақилликка эришди. Шоҳ Раҳобага шарқ дарвозаси ёнида жойлашган уйни инъом қилди. У деразасидан кузатиб, ким Ерихога келди, ким шаҳардан чиқиб кетяпти — ҳаммасини назорат қилиб турарди. Ўн икки йил давомида деразасидан қараб, эркакларни уйига чорлаб, улар билан ўз уйини баҳам кўриб келди. Ўша эркаклардан шоҳ салтанатини мустаҳкамлашда, бойлигини оширишда фойдаланиб келди. Ҳар бир тузилган битим учун аёлга икки карра ҳақ тўланарди: эркаклардан у билан кечаси қилган айш-ишратлари учун пул оларди, яна шоҳдан мисқоллаб тўплаган маълумотлари учун пул оларди. Ерихо ташқарисида бўлаётган ходисалар тўғрисида аёл шоҳга қараганда кўп нарса биларди. Ерихо ички ҳаёти билан янада яқинроқ танишмоқчи бўлганда, у ёнига қоровуллар бошлиғи Қобулни таклиф қиларди. Қобул Раҳобанинг қайноқ қучоғида барча сирларни ошкора айтиб берарди. Раҳобанинг бир қанча бобилча либослари, фил суягидан ясалган ва тақинчоқлар билан тўлдирилган қутичалари бор. Уйи санъат асарлари билан безатилган, полларига тўқилган рангли гиламлар тўшалган. Раҳобанинг ҳузурига келган эркаклар Мисрдан келтирилган юпқа, зиғир толасидан гулдор қилиб тўқилган, хушбўй мирра, долчин хидлари таралиб турган чойшабларда ётишади. У лаззатли тансиқ таомларни, ажойиб ўткир мусалласларни яхши кўради. У шоҳнинг дўсти ва ишонган одами эканлигини шаҳарда ҳамма биларди. Шу билан бир қаторда, Раҳоба бузуқ хотин, фоҳиша эканлиги ҳам ҳаммага маълум эди. Лекин у бундай ҳаётдан нафратланишини ҳеч ким билмасди. Отаси ва шоҳ тайёрлаган келажак билан тўқнашиб, ўзини нақадар ожизона ҳис қилишини бирор кимса хаёлига ҳам келтирмасди. Кўпчилик тушунмай ҳайрон бўларди: нимага Раҳоба ўз ҳаётидан нолир экан? Ташқаридан қараганда, ҳаёти тўла-тўкис бўлса. Шоҳ уни ҳурмат қилса, эркаклар учун у гўзал маъшуқа бўлса. Унинг олдига келувчиларни аёлнинг ўзи танларди. Ерихода ҳатто унинг эркинлигига ҳасад қилгувчи аёллар ҳам кўп эди. Раҳоба инсон сифатида эмас, балки бир буюм сифатида қабул қилинаётганини бу аёллар тушунмас эдилар. Ҳатто ҳозир ҳам ўз уйи, шоҳона жихозлари бўла туриб, Раҳоба ҳаётида бирор нарсани ўзгартиришга ожиз эди. У ўз ҳаётининг асираси, гарови бўлиб қолган эди. Ҳеч бир инсон унинг юраги жўшиб ураётганлигини сезмасди. Ҳеч ким унинг қалбида тўпланган ғазабни, тошга ўхшаган қаттиқ қаҳрни ва озодликка чиқиш иштиёқи борлигини ўйламас эди. Раҳоба ўзгалар қурган қамоқ асираси эди, бу қамоқни у қимматбаҳо нарсалар билан тўлдирди. Аммо унинг орзулари, умиди ва ниятлари ўзгача эди. Буларнинг ҳаммаси Худодан, фақат У Ўзи танлаганларни қутқариши мумкин эди. Раҳоба буни биларди. Кичкина қизалоқлигида биринчи бор Унинг тарихини эшитган. Фақат Угина ҳақиқий ва танҳо Худо эканлигини Раҳоба англаб етди. У Иордан дарёсидан Ўз халқини олиб ўтгандан кейин, бу шаҳарни эгаллаб, худди Ўзининг бошқа душманлари каби, ер билан яксон қилади. Раҳоба билганлари ниҳоят, яқинлашиб келаётганини сезди. Биз ҳаммамиз ўламиз! Наҳотки ҳеч ким буни кўрмаса?! Наҳотки сўнгги қирқ йил ичида содир бўлган воқеаларга ҳамма кўр ва кар каби муносабатда бўлса?! Ҳар доим бўлгани каби, одамлар дунёга келади ва кетади, ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйлайди. Одамларнинг ўйлашича, улар қурган қалъа деворлари уларни ҳар қандай душмандан ҳимоя қилар эмиш. Кўп йиллар олдин мен ҳам отамнинг кулбаси деворлари мени ўз ҳимоясига олади, деб ўйлаган эдим. Аммо биз ҳимояланмаганмиз — биз ожизмиз! Раҳобани ўлим ваҳимаси қамраб олди, лекин унда, келажакнинг бир бўлаги бўлиб қолсам, деган истак яна ҳам жўш урарди. Аёл яқинлашиб келаётган Худога тегишли бўлишни истарди. У худди кичкина қизчага ўхшаб: «Қанийди, отамнинг бақувват қўллари мени кўтариб, ҳалокатдан қутқариб қолса», деб истарди. Бир неча ой илгари бир мисрлик кечаси билан исроилликларнинг Худоси ҳақида гапириб берган эди. — Кўпчиликнинг айтишича, бу фақат эртакмиш, — деди Раҳоба, у» «қани, бу одамнинг ўзи шу воқеаларга ишонадими ё йўқми», деб билмоқчи бўлди. — Э-э, йўқ. Ўша офатлар жўнатилганда, менинг отам кичкина бола экан… — ярим тунгача у Раҳобага Мусо исмли одам кўрсатган аломатлар, мўъжизалар ҳақида сўзлаб берган эди. — У вафот этибди, лекин бошқаси бор экан… Ёшуа дегани. Эрталаб туриб Раҳоба шоҳ ҳузурига борди. Лекин уни фақат исроилликларнинг жанг олиб бориш санъати, қурол-аслаҳаси ва қўшиннинг сони қизиқтирар эди. — Сиз Исроил Худосидан қўрқишингиз керак, шоҳим, — деди у. Лекин шоҳ аёлга: «Тезда ҳузуримдан чиқиб кет!» деб буйруқ берди. — Раҳоба, сендан кўнглим қоляпти. Сен жазаваси тутган аёлнинг гапларини гапиряпсан. У бақириб шоҳни сўкмоқчи бўлди. Балки Мусо ҳақиқатдан ҳам буюк пайғамбардир, аммо ҳеч бир инсон Мисрнинг улуғворлигини поймол қилишга журъат қилолмайди. Фақат ҳақиқий Худо шундай қила олади! У Ўз халқини Каньон юртини олишга тайёрлаган! Шоҳни тушуниш учун унинг кўзига бир қарашнинг ўзи кофоя эди: такаббурлиги уни кар қилиб қўйган. Одамлар фақат ўзлари эшитмоқчи бўлган нарсани эшитадилар. Энди Раҳоба деразани олдида ўтириб, гоҳ-гоҳ пастдаги эркакларга қўл силкитади. Оҳ, Сенинг халқинг орасида бўлишни қандай хоҳлар-дим,Ёлғиз Сен Ўзинг ҳақиқий Худосан. Кўз ёшлари қайноқ, кўзларини куйдирарди. Мен Сенинг олдингда тиз чўкаман, менга агар Сен имконият берсанг, Сен учун қурбонликлар келтираман! У қўлларини тушириб, тескари қаради. У нимани Хҳласа, орзу қилиши мумкин эди, аммо барибир, шу деворлар орасида яшаётганлар билан тақдирни баҳам кўришга тўғри келади. Бу ернинг деворлари қонга бўялади. Шоҳ ўжар, такаббур эди. Унинг фикрича, қалъа деворлари жуда баланд, мустаҳкам, шаҳарни ҳимоя қилишга шунинг ўзи кифоя. Шоҳ жуда калтафаҳм, ўз халқи манфаати йўлида такаббурлигидан воз кечиши кераклигини англаб етмас эди. Шоҳ исроилликлардан қўрқарди, аслида эса у исроилликларнинг Худосидан қўрқиши керак эди. Раҳоба бутун ҳаёти давомида эркакларни яхши биларди. Уларнинг ҳаммаси ҳам бир гўр эди. Фақат Худо тамомила бошқача. Аёл Унинг мавжудлигини бошқача ҳис қилар, бу ҳис қандайлигини тушунтириш қийин эди: Унга иззат-икром билан, қизғин интиларди. Оҳ, Унга мансуб бўлганлар қандай бахтли-я! Улар ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Раҳоба эшитганларини шоҳга тушунтиришга қанчалар уринмасин, у эшитишни хоҳламас эди. Барибир, ожиза яна бир бор ҳаракат қилиб кўрди. — Мен бунчалар қўрқоқлигингни тасаввур ҳам қилолмаяпман, азизам. Бу яҳудийлар қирқ йил олдин биз омолиқийлар билан уларга қарши бирлашганимизда, думини қисиб қандай қочишган бўлса, ҳозир ҳам шундай қочиб қолишади. Менинг отам уларни ўзларининг юртидан қувиб чиқарган эди. Агар қудратли Худо улар томонида бўлса, нега ўшанда улар бизни мағлуб қила олмади?!… денгизнинг икки томонга сурилиб йўл очилиши, — деди шоҳ киноя билан, — ҳаммаси чўпчак, бизни ваҳимага солиш учун тўқиб чиқарилган. — Сиз Сихоннинг тақдирини унутдингизми? Бу гапдан шоҳнинг ранги оқариб кетди, кўзлари қисилди, қараши совуқ, заҳарли бўлиб қолди. — Ҳеч қандай қўшин бизнинг қалъамизни қўлга киритолмайди. — Ҳали ҳам кеч эмас, элчилар орқали сулҳ тузишни илтимос қилиб, уларнинг Худосига совға-салом жўнатинг. — Нима? Эсинг жойидами? Бизнинг руҳонийларимиз бунга йўл қўяди, деб ўйлайсанми? Ўзимизнинг худоларимиз бор бўлса, биз хизматимиз билан уларни хурсанд этмоғимиз лозим! Доимо бу худоларимиз бизни асраб келган. Бу сафар ҳам асрашади. — Миср худолари фиръавнни асрагандайми? Миср қурт-қумурсқаларга сажда қиларди, ибронийлар Худоси Миср экинзорларини йўқ қилиш учун чигирткалар галасини жўнатди. Улар Нил дарёсига сажда қилишарди, ибронийларнинг Худоси Нилнинг сувини қонга айлантирди. — Раҳоба, буларнинг ҳаммаси уйдирма гаплар. Халқимиз орасида ваҳима солиш учун тарқатилган бўҳтон. Сен бўлсанг уларни қўллаб-қувватлаяпсан! Бор уйингга, қўлингдан келадиган ишни қил. Хориждан келган айғоқчиларни изла. У шоҳ айтгандай йўл тутди, фақат шоҳнинг фойдасига эмас. Қобул ўтган куни кечаси Канъон юртининг аскарлари, қуроласлаҳалари ва худоларга келтирилаётган қурбонликлар ҳақида мақтаниб гапирди. — Ҳаммаси яхши бўлади, Раҳоба. Сен ҳеч нимадан хавотирланиб, бошгинангни оғритма. Тентаклар! Қанақанги аҳмоқлар! Миср худоларини калака қилиб, Қизил денгиз сувларини икки томонга бўлиб йўл очган Исроил Худоси учун бу қалъа деворларини бузиб ташлаш нима деган гап бўлибди! Тошдан, лойдан ясалган бутлар шамол, сув ва оловни бошқараётган Худога қарши нима ҳам қила олардилар?! У бир нафаси билан Ерихо дарвозаларини ланг очиши учун қурби етишига Раҳоба ишонарди. Биргина Унинг қўл ишораси шоҳнинг барча истеҳкомларини тилка-пора қилиб ташлайди! Лекин Раҳобанинг гапларини ҳеч ким эшитмасди. Бўладиган иш барибир бўлади. Раҳоба сўнгги марта шоҳни огоҳлантирмоқчи бўлди, аммо натижасиз. Ерихода содир бўладиган ҳамма бало-қазо шоҳни уради. Раҳоба бўлса ҳақиқий Худога ишонадиганларга, ғолиб келадиганларга қўшилиш учун имконият топишга ҳаракат қилади. Агар бу Раҳобанинг қўлидан келмаса, у ҳалок бўлади! Раҳоба ўз яқинларига зиён етказмасдан қандай қилиб Ериходан чиқиб кетиши мумкин? Агарда у қочиб кетса, шоҳ тутиб келиш учун унинг кетидан хизматкорларини жўнатади. Уни тутиб келиб давлатга қарши ҳиёнат қилди, деб қатл қилишади. Худди шундай ҳукм унинг қариндош-уруғини ҳам кутади. Шоҳ заррача ҳам итоатсизликни кечирмайди. Лекин аёл онасини, отасини, опа-укаларини оиласи билан ташлаб Ериходан кетолмайди. Бунинг ҳеч иложи йўқ! Раҳоба шубҳа туғдирмасдан кетиш имкониятини топган тақдирда ҳам, оила аъзолари унинг ортидан боришмайди. Отаси шоҳнинг ҳар бир сўзига ишонади. Ўйлаш учун отасининг ўз калласи йўқ. Раҳоба қўли билан қалин жингалак сочларини елкасига ташлади. — Раҳоба! — кимдир пастдан чақирди уни. Лекин у заррача ҳам эътибор бермади. Мисрдан ширинликлар келтирадиган карвонбоши билан ҳам, ёбуслик савдогар билан ҳам ёки ҳалокатга маҳкум қўшиннинг аскари билан ҳам унинг иши йўқ. Уларнинг ҳаммаси юриб турган мурдалар, холос. Ҳозирги аҳволни улар тушунишмаяпти. Фақат дарё юртидаги яҳудийлар ҳаёт эдилар, чунки уларнинг Худоси одамлар қўли билан ясалган тошли бут эмас! У ер ва осмон Худоси эди! Мен мана шу девор орасида жойлашган индаги каламушман… Исроилликлар Худоси қандай яхши, қандай ажойиб! У яҳудийларни танлади. Қул бўлиб келган халқни ердаги энг кучли халқ мисрликлар ҳукмронлигидан озод қилди. Нотавонларнинг энг нотавонини танлаб олиб, буюкларнинг устидан ғалаба қилишга жўнатди. Раҳобанинг эшитишича, У Ўз халқи учун ҳатто нонни ҳам ёмғир каби осмондан ёғдирган. Халқ ҳеч нарсадан қўрқмаган, чунки У қаттиққўл бўлса ҳам, Унга итоат этмаганларга жазо тариқасида яхшилик қилиб илтифот кўрсатган. Ким ҳам бундай Худони яхши кўрмайди?! Раҳобанинг шоҳи яхши кўрмайди! Шу шоҳнинг халқи яхши кўрмайди! Мен Уни севган бўлардим. Раҳобанинг лаблари қалтираб, кўзлари ёшга тўлди. У истагандай, мен Унга хизмат қилган бўлардим. Агар менда имконият топилса эди, мен Унинг қаршисида тиз чўкиб, Унинг халқига мансуб эканлигимдан жуда бахтли бўлардим! Унинг орқасида — каравотда борлигини билдириш учун Қобул қаттиқ пишиллади. Аёл кафтлари билан қулоқларини беркитиб, кўзларини қаттиқ юмиб олди. Ўзига нисбатан жирканч ва ғазаб туйғусини сезди. Ўзига қолса, ҳозир Қобулни итариб, тепиб, шар-мандаларча уйидан ҳайдаб чиқарган бўларди. Бу кеча Қобул ҳеч қандай янгилик айтмади. Раҳоба у билан фақат вақтини зое кетказгани қолди. Аёл яна йўлга қаради. Қирқ йил олдин Мусо айғоқчиларини жаннатмакон ерга жўнатганлиги ҳақидаги отасининг ҳикоясини ёдига олди. Шундан сўнг нажот топиш учқунлари пайдо бўлди. «Ўшанда биз исроилликларни мағлуб қилдик». Аёл уларнинг мағлуб бўлганига ҳайрон қолди, бунинг сабабларини тушунишга ҳаракат қилди. Яқиндагина улар қул эдилар, қудратли мисрликлар қуллигидан уларни яна ҳам қудратлироқ Худо озод қилди. Балки ўшанда улар Худо танлаган халқ кучли, иродали бўлиши кераклигини англаб етмагандирлар. Балки улар итоат қилишдан бош тортгандирлар. Раҳоба исроилликлар нима сабабдан мағлуб бўлганликларини англаб етарди. Лекин у бир нарсани аниқ биларди — исроилликлар енгилса, уларнинг Худоси бирор хатога йўл қўйди, дегани эмас эди. Кўп йиллар илгари Эгамизга итоат этмаганлар балки ўлиб кетгандир. Уларнинг ўрнига янги авлод дунёга келди — бу авлодни саҳродаги ҳаёт чиниқтирди. Улар дунёга келганларидан бошлаб, уларни бир куч сақлаб келади. Ёшуа ҳам, Мусо каби, айғоқчиларни жўнатишини Раҳоба кутиб юрибди. Биринчи бўлиб уларни Раҳоба кўриши шарт. Исроилликлар ғалабасини уларнинг Худоси таъминлайди, шунинг учун Ерихога айғоқчиларни жўнатишга эҳтиёж йўқ эди. Лекин барибир, шавкатли йўлбошчи Ёшуа ўзига ортиқ даражада ишонмай, одам жўнатишини Раҳоба кутарди. Бунга зарурат бўлмаган тақдирда ҳам, эҳтиёти шарт одам жўнатиб, Ерихо ерларини ва душман мудофаасини кўздан кечирмоқ лозим. Илтимос, келинглар! Ўтиниб сўрайман, илтимос, келинглар… Мен ўлишни хоҳламайман! Менинг оилам ҳам ўлишни хоҳламайди! Кимнидир жўнат… Кўзларимни каттароқ оч, токи исроиллик айғоқ-чиларни шоҳнинг қоровулларидан олдин мен кўрай. Агар уларни биринчи бўлиб қоровуллар кўришса, зудлик билан шоҳга етказишади, унда ҳаммаси тугайди,, барбод бўлади! — Раҳоба! — яна овоз келди пастдан. Раҳоба жаҳл билан пастга қараган эди, дарвоза олдида тўпланган оломон ичидан қўл кўтариб имо қилаётган исмоилий савдогарни кўриб қолди. У сабрсизлик билан Раҳобани, кечаси жазманим бўлгин, деб имлаётган эди, лекин аёл қўл силтаб «йўқ» аломатини билдирди. Уни туялари қўйнида иситаверсин. Савдогар тилла тақин-чоқлар кўрсатиб, уни кўндирмоқчи бўлди. Эҳ-ҳа! Ҳадемай ўлиб кетсам, менга олтин нега керак? — Хотинларингни бирортасига совға қил! — деб бақирди Раҳоба. Савдогарни ўраб турганлар унинг устидан кулишди. Яна бошқа бир эркак чақириб, ялинди, аммо аёл бепарво. Унинг нигоҳлари йўлда эди. Ишқилиб улар менинг олдимга келишсин. Агар айғоқчиларнинг кийимлари узоқ сафар давомида йиртилиб кетган бўлса, Раҳоба уларга ажойиб бобилча либослар кийдиради. Агар ташналикдан ҳолдан тойган бўлсалар, уларга энг яхши мусалласлардан беради. Агар оч бўлишса, уларга шоҳона, тўла-тўкис дастурхон ёзади. Ахир, улар қудратли Худонинг қуллари сифатида қелишади. Агар уларга нисбатан Раҳоба меҳмондўстлик қилса, ундай ҳолда уларнинг Худосига хизмат қилган бўларди. Уларнинг Худоси қудратли, ҳар қанча назрлар қилишга лойиқ! Қайғудан Раҳобанинг юраги сиқилди. У бехавотирликни истарди. Шу уйда, шу шаҳарда қолар экан, унинг ўлиши муқаррар. Тирик қолиш учун у исроилликлардан бирига айланиши керак. Ерихода яшовчиларнинг худолари, амор ва париз халқларининг худолари, бошқа барча қабилаларнинг худоси унга ёрдамга келмайди. Улар фақатгина тошдан ясалган золимлар, уларни ўраб олган, доимо ҳадялар, қурбонликлар талаб қиладиган сотқин руҳонийлардир! Раҳоба чақалоқларни оналаридан айириб, қурбонлик келтирадиган жойга қўйганларини, жажжи таналарни суякларидан ажралмагунча пиширганларини, ажралган суякларни халтага солиб янги бинонинг ёки ибодатхонанинг пойдеворига кўмганларини бир неча бор кўрган. Наҳотки нобуд қилинган гўдаклар омад келтирса?! Аёл боласи йўқлигидан, бундай кўргиликларни бошидан кечирмаганидан хурсанд эди. Агар менинг фарзандим бўлганда ҳам, мен уни кўзга кўринмас, Ўз халқи орасида яшаётган Худога, кундузлари соя-салқин улашган, кечалари иситган, Ўзига қарашли халқни ҳимоя қилган, худди Ўз фарзандидек ғамхўрлик қилган Худога берган бўлардим. Бундай Худога, шубҳасиз, ишонса бўлади… — Э, кўзимга ёруғ тушяпти, — ижирғанди Қобул. — Пардаларни тушириб қўй! Раҳоба унга ўгирилиб қарамасдан, тишларини ғичирлатди. Қобул аллақачон унинг тўшагида ётмай, уйидан гумдон бўлиши керак эди. — Қуёш кўтарилиб қолди, — деди аёл эркаланиб. — Сен ҳам тур энди. Чойшаб шатир-шутур этиб, қўпол сўкинган овозлар эшитилди. — Раҳоба, сен бераҳмсан. Раҳоба унга бурилиб қараб, заҳархандалик билан жилмайди: — Кечаси бундай демаган эдинг-ку! Аёл яна деразадан йўлга тикилди, балки Исроил айғоқчисига ўхшаган бирор кимса кўриниб қолар? Унинг кўриниши қандай экан? Айғоқчи пайдо бўлганда, у айнан айғоқчи эканлигини Раҳоба қандай қилиб билиб олади? Қобул Раҳобани белидан қучоқлаб, пардани туширмоқчи бўлди. — Севгилим, кел ётайлик кўрпага, — деди у ва Раҳобанинг томоқларидан сўрди. Қобул Раҳобани силамоқчи бўлди. Аммо Раҳоба эпчиллик билан унинг қўлини ушлаб олди. — Сен жойингда йўқлигингни шоҳ сезиб қолади. Мен сенга гап тегишини хоҳламайман. Қобул аёлнинг сочларининг ҳидидан лаззатланиб, жилмайди. — Кечикмайман. Раҳоба унга тикилиб қаради. — Сен кетишинг керак, Қобул, — деди у қўллари билан Қобулнинг кўкрагидан итариб. — Дарвозанинг олдида сенинг йўқлигингни сезиб қолиб, Раҳоба дўстларига нисбатан кўнгилсизлик келтиряпти, дейишлар мумкин. Мен эса буни истамайман. — Ҳозир сен мени хафа қиляпсан. — Кап-катта одамсан, чидайсан. Аёл қочиб кетмоқчи бўлган эди, Қобул унинг қўлини маҳкам ушлаб олди. — Пастда бой савдогар турибдими? — Йўқ. — Сени кимдир чақирди, ўзим эшитдим-ку! — Нима бўпти? — Бир неча танга бериб, мени ўзиники қилиб олгандай буйруқ беради-я! — Мен қандай қилиб пул топишим сенга аён-ку! Қобул аччиқланиб, қовоғини солди. Вазиятни бироз юмшатиш учун Раҳоба нозик бармоқлари билан унинг юзини силаб, майин оҳангда деди: — Мен уйдан сени топиш учун чиққанлигимни унутмагин. — Раҳоба эркаклар билан хайрлашаётиб, ҳар бирига: «Сен бошқачасан, ягонасан», деб таъкидлар ва бу жуда муҳимлигини биларди. Қобул жилмайди. — Демак, оз бўлса ҳам, сен мени яхши кўрасан. — Шунчалик яхши кўраманки, сенга зиён етказишни хоҳламайман, — деди Раҳоба ва Қобул уни ўпишига имкон берди, сўнг нари кетди. — Дарвоза олдида оломон тўпланиб, сени кутяпти. Дарвозани очиш вақти келди. Жаҳли чиққан савдогарлар сенинг устингдан шоҳга арз қилишлари мумкин. Раҳоба хонадан ўтиб Қобулнинг кийимларини йиғиштирди-да, унга узатди, кейин эшикни очди. — Тезроқ бўла қолгин! У шошилиб кийинаётган Қобулнинг аҳволини кўриб кулди, уни чиқариб, эшикни ёпди. Сўнгра тасодифан келувчилардан ҳоли бўлиш ния-тида эшикни тамбалади ва югуриб дераза олдидаги ўрнини эгаллади. Раҳоба танҳо қолганидан роҳатланди. У деразага рахига ўтириб, бир оёғини кўчага осилтириб олди. Ўзига қарата чалинган ҳуштакларга эътибор бермай, текисликка тикилганича қотиб қолди. Узоқда кўринаётган булутли устун нима экан-а? Унинг ишончи комил эмасу аммо Исроилнинг Худоси халқни кундузи булут устуни ичида, кечаси эса олов устуни ичида кузатиб борганини эшитган эди. Чидаб бўлмайдиган даражада жазирама бўлиб кетгач, у пардаларни туширди, дераза олдидан нари кетиб, сочини таради, нон еб, шаробдан хўплади. Лекин тез-тез қизил пардаларни кўтариб кўчага қарар, йўлда кетаётган ҳар бир нотаниш одамни кузатарди. * * * Салмон умр бўйи шу дақиқаларни — жаннатмонанд ерга қадам қўйишни кутарди. У бу ерларни қароргоҳдан кузатиш имкониятига эга эди. У ҳали олдинда турган жангларни қўмсарди. Олдинги жангларда қўлга киритилган ғалабалар унинг ишончига ишонч, жасоратига жасорат қўшди. Бу ғалабаларни Худо Ўз халқига инъом этди. Кутишнинг ўзи қийин эди. Салмон ўзини пойгага тайёр жиловланган от сингари ҳис этарди. У жилмайди, дўсти Эфрайим билан бирга олишганда, у куч-қувватига сиғмай кетарди. Эрта тонг, қуёш эндигина кўтарилган. Лекин ҳар бир кун унга жангга тайёрланиб, жаннатмакон ерни қўлга киритиш имкониятини берарди. Бу Худонинг иши эканини у биларди. У қўлидаги таёқни маҳкам ушлаганича ҳамла қилди. Эфрайим унинг ҳамласини қайтарди, бурилиб туриб, яна бир солди, аммо Салмон ўзини йўқотмай, ҳужумга ўтди. Яна бир ҳамла. Зарба. Яна зарба. Эфрайим қақшатқич қатъият билан унга ташланди. Лекин Салмон тайёр турган эди. Зарбага чап бериб, ҳавода таёғини чархпалак қилиб айлантирди-да, Эфрайимни бир уриб йиқитди. Лекин Салмон, Эфрайим ётган жойидан таёғи билан уриб, мени ерга чалпак қилади, деб кутмаган эди. Иккаласи ҳам тердан шалаббо терга тушиб, димиқиб, чангда думалаб ётишарди. Салмон нафасини ростлаб кулиб юборди. — Кейинги сафар бунчалик манманлик қилмайман, ўзбошимча бўлмайман. — Сенингча, Ерихога қачон ҳужум қилишимиз мумкин? — деб сўради Эфрайим туриб устидаги чангни қоқар экан. Ёшуа Салмон кунда ибодат қиладиган тепаликка қаради. — Вақти келса, Эгамиз Ёшуага айтади. — Ҳадемай, бу кун келишига ишонаман! Кутиш — жанг келишидан ҳам оғир. Салмон таёғини маҳкам ушлаганича, ўрнидан турди. Тепаликда турган Ёшуанинг кийимини саҳро шамоли ҳилпиратарди. Салмон Мусо вафотидан кейин ҳамма нарсада Ёшуанинг ва руҳоний Эла-зарнинг йўл-йўриқларига итоат этарди. Уларнинг ҳар бир сўзи қонун эди, чунки улар Эгамизнинг йўлидан боришар, Худо нимани буюрса, фақат ўшани гапиришарди. Салмон кичкиналигида отасининг тиззасида ўтириб, Ёшуа Навин ва Холиб жаннатмакон ерга бориб келишгани, у ерни қўлга киритиш мумкинлиги ҳақидаги ҳикояни эшитган эди. Шу ерларни сизларга бераман, деб айтган Худонинг сўзларига иккалови ишонди. Аммо қолган ўн айғоқчи халқни, ҳатто пайғамбар Мусони ҳам: «Ғалаба қилишимиз мумкин эмас», деб ишонтирган. Халқнинг ишончи етмади, натижада халқ жаннатмакон ерга бориш имкониятини кейинги авлодга бой бердилар. Эгамиз Ўзининг халқини ҳукм қилиб, яна қайтариб саҳрога жўнатганда, Салмон ҳали туғилмаган эди. Шундай бўлса-да, бўлиб ўтган воқеалар унга таъсирини ўтказди. У отасининг қилмишидан уялиб, армонлар билан улғайди. У отасининг кўз ёшларини тез-тез кўриб турарди! «Агар биз Ёшуа ва Холибнинг гапига қулоқ солганимизда эди». Йиллар кетидан йиллар ўтаверди. Агар отасининг афсус-надоматлари Худонинг раҳм-шафқатини қўзғата олганда эди, аллақачон отасининг арз-доди бу ишларни амалга оширган бўларди. «Агар биз Унга итоат этганимизда эди, йўқолиб қолган қўй подаси каби саҳрони кезиб юрмасдик». Салмон афсус-надоматларни, халқнинг олдинги итоатсизлигини, одамзоднинг ахлоқсизлигини эслаб, ижирғанди. — Эй раҳмдил Парвардигор, бизни бундай фикрлардан қутқар, — деб ибодат қилди Салмон. — Мени Ўзингга маъқул келадиган жасур, Сен буюришинг билан амрларингни бажаришга киришадиган инсон қилиб яратгин. Ўзгалар ҳатосидан кулиш осон. Осону лекин ўзига ортиқча бино қўйиш деган гап. Салмон ўтмишдошларига нисбатан ўзи ҳам бегу-ноҳ эмаслигини биларди. Келажакка анча илгари қараш қўрқинчли, хавфли. Ёшуа кутгани сингари кутиш лозим. Вақт келганлигини Эгамизнинг Ўзи айтади. У айтганда эса Салмонда танлаш имконияти бўлади: итоат этиш ёки итоат этмаслик. Салмон отаси каби иккиланишни хоҳламасди. Худодан қўрқиш — бандасидан қўрқишдан устунроқ туриши керак. Бўлажак жангдан Салмон қанчалар қаттиқ қўрқмасин, Худонинг қахрига учраш ундан ҳам даҳшатлироқ эканлигини яхши биларди. Шунинг учун Унга итоат этишга қарор қилган эди. Одамзоднинг заифлигидан ва қўрқоқлигидан алданиб қолишни истамади. Қандай қилиб бир пайтнинг ўзида ҳам одамдан қўрқиб, ҳам Худога ёқадиган бўлиш мумкин?! Эгамиз Канъон юртини Ўз халқига ваъда қилган. Вақти келиб, У ваъда қилинган юртни, олинглар, деб уларга амр беради. Шунда Канъонни олиш ёки олмаслик Салмон ва унинг авлодига боғлиқ бўлиб қолади. Ҳали ҳеч ким куч-қувватдан қолгани йўқ, аммо баъзи бир одамлар узоқ кутишдан иккиланиб, нолишарди. Эй Эгам, еру осмон яратган Худо! Менда ҳам, Ёшуага берганингдай, мустаҳкам эътиқод, ишонч пайдо қилишингни илтижо қиламан. Сенинг ғоянг, майли, меники бўлсин. Мени заифлашишимга йўл қўйма. Сен танҳосан, Сендан ўзга Худо йўқ! — Тайёрлан! — деди Эфрайим. Салмон қайрилиб, таёғини кўтарди ва Эфрайимнинг зарбасини қайтарди. Эгамиз даъват қилганда, Салмон жангга тайёр туришни хоҳларди. * * * — Салмон! У оҳиста келган овозни дарров таниди. Ирғиб туриб, чодир пардасини кўтарди ва Ёшуага тикилиб қолди. — Сенга менинг топшириғим бор, — деди босиққина қария. — Марҳамат, ичкарига киринг, — деди Салмон ўзини четга олиб, сўнг саркарда билан саломлашди. Кекса жангчи сал эгилиб чодирга кирди, чодирни кўздан кечиргач, яна Салмонга юзланди. У ҳаяжондан қалтирарди. Ахир, Ёшуанинг ўзи уни излаб келганди — бу жуда катта илтифот! — Марҳамат қилиб ўтиринг, ҳўжайин, — меҳмонга ўтиришга энг қулай жойни кўрсатди Салмон. Ёшуа бошини қуйи солди. Олиб келган тугунчани четга қўйди ва ёш йигитлардай эпчиллик билан чордона қуриб ўрнашиб ўтирди. Салмонга қараганда, қора кўзлари синчков, диққат билан боқарди. Одатда қўмондон чодирга келмасдан, Салмонни ҳузурига чақиртирарди. — Сизга қандай хизмат кўрсатишим мумкин, хўжайин? — деб ҳурмат билан сўради Салмон қизиқишини яширмоқчи бўлиб. Ҳаммаси тайёр бўлганда, Ёшуа ўзи тушунтириб беради. Ёшуа кулимсираб, қўлини чўзди. — Менга ҳеч нарса керак эмас. Ўтир. Салмон бармоқларини қовуштириб, олдинга сал эгилиб жимгина ўтирди. Мўйсафид кўзларини анчагача юмиб турди, сўнг бошини кўтариб Салмонга тикилди. — Менга иккита одам керак, жуда муҳим ва қалтис топшириқ бор. — Мен бораман, — Салмоннинг юраги дукиллаб кетди. Қаддини ростлаб деди! — Мени жўнатаверинг. Ёшуа бошини қуйи солиб, ҳайрат билан Салмонга боқди. — Топшириқни бажаришдан олдин, топшириқ қандайлигини мулоҳаза қилиб кўриш керак. — Агар топшириқ бажарилишини истасангиз, шунинг ўзи менга кифоя. Эгамиз сиз орқали мен билан гаплашяти. Сизга итоат этиш — Худога бўйсуниш демакдир. Сиз қаерга мени жўнатсангиз, мен бораман, сиз нимани буюрсангиз, мен сўзсиз бажараман. Ёшуанинг кўзлари чақнаб кетди. У Салмонга бир оз эгилиб, деди: — Унда, сенга қуйидаги топшириқни бераман: Иордан дарёсининг нариги томонидаги ерларни текшириб келишинг керак, айниқса, Ерихо атрофини. Қандай мудофаа нуқталари борлигини, Ерихо аҳолисининг гаплари ва ўй-ниятларини, уларнинг кайфияти қандайлиги суриштириб билишинг, шулар тўғрисида хабар олиб келишинг керак. Бирдан Салмоннинг вужудини қўрқув қамраб олди, лекин у ўзини қўлга олиб қўрқувни билдирмади. — Қачон жўнашимиз керак? — Бир соатдан кейин. Холиб ҳозир Эфрайим билан гаплашмоқда, — Ёшуа қўлини кўтарди. — Кўриб турибман, сен тайёрсан — ҳозир қиличингни оласану зудлик билан жўнайсан. Лекин гапларимни яхшилаб эшит. Холиб ва Эфрайимдан ташқари сизлар қароргоҳдан кетганингизни ҳеч ким билмайди. Сизлар яширинча чиқиб кетасизлар. Ўғлим, сен ёшсан, қизиққонсан, аммо ўткир зеҳнли, илондай доно, оқил бўлишинг керак. Шаҳарда босқинчи одамдек айланиб юрма. Бошингни пастроқ эгиб юр. Халқнинг кай-фиятидан хабардор одамларни ахтариб топгин. Улар билан суҳбатлаш. Кўзларинг очиқ, қулоқларинг динг турсин. Бизга уларнинг мудофаасидан кўра, Ерихо аҳолисининг ўй-фикрлари муҳимроқ. Ҳамма нарсани билиб, иложи борича у ердан тезроқ қайтишга ҳаракат қил. Вақтни бекорга йўқотма. Тушундингми? — Тушундим, хўжайин. Ёшуа четга қўйган тугунчасини олиб Салмоннинг олдига қўйди. — Бу аморийларнинг кийими билан қуроли. Бу кийимлар, шубҳасиз, мағлуб бўлган душманнинг эгнидан ечиб олинган эди. Салмоннинг кўзи кийимдаги қон доғларига тушди. Бундай кийимни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан кийиш керак. Агар бирортаси қон доғини кўриб қолса, аҳвол чатоқ бўлади. Доғни кўрган одам, бу кийимнинг олдинги эгаси ўлдирилган, деб ўйласа керак. Албатта, қон доғини ёпиб юриш учун елкага енгсиз ёпинғич ташлаб юриш лозим. Ёшуа ўрнидан қўзғалди. Салмон сапчиб ўрнидан турди. Чиқишдан олдин Ёшуа қўлини Салмоннинг елкасига қўйиб уни бағрига босди. — Эгам сени паноҳида сақласин. — Худонинг каломи марҳаматлансин. Ёшуа Салмоннинг елкасини қўйиб юборди, чодир пардасини кўтариб ташқарига чиқди. Салмон унинг ортидан то Исроилнинг бошқа чодирлари орасида йўқ бўлгунча тикилиб қараб турди. Сўнг кескин нафас чиқариб, ерга мук тушди. Бошини эгиб, кўзини юмди, қўлларини қовуштириб: «Менга хизмат қилиш имкониятини берганингдан Ўзингга шукр айтаман», деб миннатдорчилик билдирди. У ерга тиз чўкиб: «Топшириқни бажаришда оқиллик ва донолик бергин», дея Яратганга илтижо қилди. * * * Салмон билан Эфрайим қароргоҳдан кетишганда ҳали ой ёришиб турганди. Улар сафарга шайланиб, юрганда халақит бермасин, деб енгсиз узун камзулларининг орқа этагини кўтариб белбоғларига қистириб олишди. Тонг отгунга қадар улар Иордан дарёсининг шарқий соҳилларигача югуриб боришди. Сал нафасни ростлаш учун Салмон қўлидаги тугунчани ерга ташлаб, қалпоғини бошидан олди. — Кўринишидан сув жуда тез оқяпти, — деди Эфрайим ечинаётиб. Эфрайим Салмон ерга ташлаган аморийлар кийими тугилган бўғчани олди. Ташқаридан қуйилган сувлар дарёни топшириб, соҳилларни босган эди. Эфрайимнинг гапи тўғри экан, дарё ҳақиқатда ҳам шиддат билан тез оқаётган экан. Салмон аморийларнинг камзулини кийди, белига чарм белбоғини бойлади ва имо билан қиялама қирғоқни кўрсатди. — Ўша ердан сувга тушиб сузиб кетамиз. Эфрайим истеҳзо билан кулди, лаблари бужмайди. — Ҳозир бу ҳақда гапиргим келмаяптию, лекин мен сузишни билмайман. Салмон ғамгин жилмайди. — Нима, мени сузишни билади, деб ўйлайсанми? Саҳрода яшаганимиз учун сузишни ўрганишга хожат ҳам йўқ эди. — Энди нима қиламиз? — Сузиб ўтамиз. Хавотирланишга ўрин йўқ. Агар Эгамиз хоҳласа, ҳамма нарса қўлимиздан келади. — Агар чўкиб кетсак-чи? — эътироз билдирди Эфрайим. — Худо бизни шу ергача олиб келди, нима, мағлубиятга учратиш учун олиб келди, деб ўйлайсанми? Эфрайим дарёга қаради. — Менимча, бизга битта ёғоч керак бўлади, уни ушлаб олиб сузамиз. — Эгамиз бизни қўллаб-қувватлайди, — Салмоннинг сўзларида қатъият бор эди. Эй Худойим, менга куч-қувват бер. — Чуқур нафас олгин-да, сувга шўнғи, қўлингни олдинга чўзиб, оёқларинг билан қурбақа сингари сувни тез-тез ўзингдан итар. Оқимнинг ўзи бизни манзилга етказиб қўяди. — Тўппа-тўғри Ўлик денгизга. Салмон дўстининг аччиқ ҳазилига эътибор бермади. — Нариги томондаги ҳов анови мажнунтолларни мўлжалга олавер. У белбоғига қинни бойлаб,қиличини қинига солиб қўйди. — Кетдик. Жуда дадил кўринган Салмон сувга тушгандан кейин оқимнинг тезлигидан қўркиб кетди. Қўрқувни енгиб, сувда сузишни давом эттирди, мана сув белигача етди. Балки қадамба-қадам юриб Иордан дарёсини кесиб ўтиш унга насиб қилар. Ахир, у анчагина куч-ли, оёқда тура олади. Аммо кейинги қўйган қадами бунинг аксини кўрсатди: йўқ, эплолмайди. Тошларнинг сирпанчиқлигидан Салмоннинг оёқлари тойиб кетди. Оқим олиб кетаётганда, уни қўрқув, ваҳима босди. У бирдан сувнинг тагига чўка бошлади. Аммо Салмон қаршилик кўрсатиб, сувнинг тагидан чиқишга уринди. Оқим уни силтаб, у ёқдан-бу ёққа чайқалтираверди. Мана, у нимагадир каттиқ урилди, кейин яна чўка бошлади. Салмон қўрқувдан сув билан олишар, оқим бўлса уни олиб кетаверди. Эй Эгам, менга ёрдам бер! Салмоннинг кўзига нариги соҳилдаги дарахтлар кўринди. У жон-жаҳди билан суза бошлади. Қўллари билан сувни итариб, танасини бўш қўйиб, сув юзида оқишга ҳаракат қилиб кўрди. Бўйни тортиша бошлади, бошини сув юзида ушлаб турди, чунки Салмон нафас олиб, қаерга кетаётганини кўриб туриши керак эди. Орқадан бақирган овозни эшитди. Лекин орқасига қараб, Эфрайимнинг холидан хабар олишга имкони йўқ эди. Бир ҳаракат қилиб сувга осилиб турган шохни тутди. Шохга яқинроқ тортилди ва маҳкаб ушлаб олгандан кейин атрофга боқди. Эфрайим ҳали ҳам сувга тушмасдан нариги соҳилда турган экан. — Бўлсанг-чи! — бақирди Салмон. Эфрайим сувга тушгач, бир сесканиб қўйди. Аммо қўлларини ол-динга чўзиб, сузиб кетди. Сув оқими дўстини жуда тез олиб кетаётганини Салмон кўриб, кучи борича сув юзасида чўзилиб олди. Энди Эфрайим Салмоннинг тўпиғидан ушлашга қулай имкон бўлди. — Оёғимдан ушла! Эфрайим Салмоннинг оёғидан ушлади, аммо зарбдан Салмоннинг қўлларидаги шох чиқиб кетди. Дарё икковини ҳам айлантириб отарди. Эфрайим қанча уринса ҳам, бошини сув юзига чиқаролмасди. Салмон яна бир шохни бир қўли билан, иккинчи қўли билан дўстини тутиб, ўзи томонга тортди. — Маҳкам ушла! Эфрайим, тирмашаман, деб панжалари билан Салмоннинг болдирини ўйиб олди. Энди Эфрайим аранг нафас оларди. Салмон уни белидан ушлаб тепага тортди, кейин соҳилга итариб чиқарди. Сувдан соҳилга чиққан Эфрайим қўлини узатиб, Салмонни сувдан тортиб олди. Айни шу пайтда улар тутиб турган шоҳ синиб, уни сув оқизиб кетди. Салмон соҳилга яқин сув тубини тош босган жойда тикка турди, машаққат билан Иордандан чиқди ва тиззалаб йиқилиб қолди. Эфрайимни қаттиқ йўтал тутиб қолди. Салмон, нафасимни ростлаб олай, деб ерга ўтирди, у титраб-қақшаб нафас оларди. Панжаларини ерга ботириб кафтларига тупроқ олди, юзига яқин олиб келиб, тупроқнинг муаттар ҳидидан бахраманд бўлди. — Эгамиз бизни олиб ўтди, — унинг овози ҳаяжондан титрарди. Авлодлари орасидан иккаласигина биринчи бўлиб орзу қилинган, жаннатмакон ерга қадам қўйишди. — Эгамизга ҳамду-санолар бўлсин! Эфрайимнинг оғзидан ҳамон лойқа сув чиқар, у тинмай тупурарди. Лекин бир амаллаб хириллаб қўшиб қўйди: — Бу ерда роҳатланиб яшашимиз учун Худо бизга узоқ умр ато қилсин. — Омин, — Салмон ўрнидан турди. — Ҳадемай тонг отади. У шарафли вазифани бажаришни орзу қилар, шунга талпинарди. Аммо усти-боши кир-чир, шалаббо, бунинг устига, каллайи саҳарлаб шаҳарга келсалар, бу бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, одамларда шубҳа туғдириши мумкин. Улар сув бўйига чўнқайиб ўтириб юз-қўлларини ювдилар. — Агар ҳаракат қилсак, биз Хурмо шаҳрига тонг отгунча етиб борамиз, — деди Салмон. — Озгина сабр қил. Дам олиб, нафасимизни ростлаб олайлик. — Биз вақтни йўқотмаслигимиз керак. Юр, йўл-йўлакай дам оларсан! Улар Иорданнинг ғарб томонида жойлашган саҳрони кесиб ўтиб, катта йўлга чиқишганда тонг отган эди. Бир неча чақирим узоқдан ҳам булоқлардан сув ичаётган яшил воҳа кўриниб турибди. Хурмо шаҳрининг баланд ва қалин қалъа деворлари Канъонга кирадиган йўлни тўсиб турарди. Салмоннинг юраги орқасига тортиб кетди. Бу деворлар шунчалар баҳайбат эдики, Ерихони қўлга киритиш имконсиздай туюлди. Ғарб томондан ҳам ўтиб бўлмайди — у ерда баланд қоялар қад ростлаб турибди. — Шаҳар мустаҳкам жойлашган экан. — Мустаҳкам қалъа. Қандай қилиб биз уни забт этамиз? Бундай қалъага биз ҳали ҳеч қачон дуч келмаган эдик! Салмон жимгина деворларни кўздан кечирарди. Деворлар одам бўйидан камида олти баробар баланд эди. Дарвозаларнинг қўшимча равишда мустаҳкамлангани эса қалъага кириш учун яна бир жиддий тўсиқ. Соқчилар узоқдан келаётган қўшинни кўришади, то қўшин дарвозаларга яқин келгунча, улар дарвозаларни беркитиб, жангга тайёрланишларига анчагина вақтлари бўлади. Ёшуа деворларни ишғол қилиш учун зинапоялар қуришга буйруқ берармикан? Зиналарни ўрнатиб, кўтариб туриш пайтида, кейин аскарлар деворлардан ошиб ўтгунча қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлади? Бундай мустаҳкам деворларни бузиб ёки ёндириб бўлармикан? Бу шаҳар учун жангда қанча одам нобуд бўлади? Минг-минглаб! Агар бугунги топшириқни бажаришда омон қолса, ўша ҳалок бўлганларнинг мингтадан биттаси Салмон бўлармикин? — Бундай кўргиликдан Эгамизнинг Ўзи сақласин, — деди Салмон. — Энди нима қиламиз? — сўради Эфрайим. — Дарвоза очилишини кутаётган оломонга қўшиламизми? — Пешингача кутамиз. Бизга тикилиб, синчиклаб қарашмаса бўлди, у ёғи яхши бўлади. Унгача соқчилар чарчаб эътиборсизроқ бўлишади. Улар кўлнинг ёнида, сув оқадиган ариқча бўйида бир майсазорни топиб, Хурмо шаҳри соясида уйқуга кетишди. Иккинчи боб Раҳоба шаҳарга кириб келган икки эркакка қаради-ю: «Аморий аскарлари шоҳнинг ҳузурига хабар олиб келишган», деб ўйлаб, эътибор бермади. Лекин улар яқинроқ келиб синчковлик билан қалъа деворларига қарашганда, уларнинг бегоналигини пайқади. Келганларнинг қўлида юки йўқ, улар эҳтиёткорлик билан минорани кузатишар, бир-бири билан пичирлашиб гаплашишарди. Айниқса, Раҳобага нисбатан уларнинг эътиборсизлиги уларнинг сирини янада фош қилиб қўйди. Чунки жиддий топшириқ билан келган ҳар қандай аморий аскари ҳам Раҳобага ўхшаш аёлни қидирарди. Улар доим яхши жойлашиб олишга, лаззатли таом еб май ичишга, шаҳвоний истакларини қондиришга ҳаракат қилишарди. Аморий аскарлари қўполликлари ва шаҳватпарастликлари билан бошқалардан ажралиб туришарди. Охири Эфрайим билан Салмоннинг кўзлари Раҳобага тушиб қолди. — Салом, менинг дўстларим! — деди кулиб Раҳоба ва қўли билан уларни имлаб чақирди. Аммо иккови ҳам тескари қаради. Таажжуб. Улар ёш ўспирин эмас-ку аёл кишининг имлаб чақирганидан уялсалар! Ёки бу нафратми? Раҳоба юрагида аллақандай кўнгилсизликни, нохушликни сезди. Кўп йилдан бери у уятни йўқотган, юзини ёпиб юрмаган эди. Раҳоба уят, ор-номусни шоҳ билан бир неча ҳафта яшагандан кейин унутганди. Отаси нима дейишидан қатъий назар, уни умрбод иффатли аёл бўлишдан маҳрум қилишганини у кўнглининг туб-тубидан ҳис этарди. Энг ачинарлиси — ушбу ҳолатдан у айнан ўз манфаатини кўзларди. Ўтган йиллар аёл учун изтиробли бўлиб, улғайиш ва иффатини, маъсумалигини йўқотиш даври бўлган эди. Лекин ўшанда ҳеч ким шоҳ танлаган қизни очиқдан-очиқ айблашга журъат қилмаган. Шоҳ саройида яшаганда, ҳамма уни ҳурмат қиларди. Йиллар ўтиб, Раҳоба суюқоёқлигини ва фоҳишалигини ошкора намоён қилди. У ўзини гўё ҳақиқий, ҳурматга сазовор маликалардай тутиб, гердайиб юрарди. Аслида эса бунинг акси эди: унинг ҳеч қандай ҳурматга сазовор, бахтли келажаги йўқ эди. Йигитлар унга парво қилмаганига қарамай, уларга нисбатан Раҳобанинг қизиқиши кучайди. Уларнинг ҳар бири ҳақиқатда ҳам бошқа одамлар эканликларига Раҳобанинг ишончи комил эди. Аморий аскарлари аслида ўзига бино қўйиб, гердайиб юришарди. Улар пулларини кўрсатиб мақтаниб, уятли гапларни айтиб бақириб чақиришарди. Айниқса, аёл зотини кўрганда ўз жасурлигидан фахрланарди. Балки булар Раҳоба кутаётган Исроил айғоқчиларидир? Чўл шамоли эсди, улар чанг-тўзон ичида қолдилар. Шамол бўйи баландроқ йигитнинг устки камзулини ҳилпиратди. У дарҳол тўғрилаб олди. Лекин Раҳоба қонли доғни, йигит қанчалар яширмасин, кўриб қолди. Аёлнинг юраги бир зум тўхтаб қолгандай бўлди. Раҳоба чуқур нафас олиб, олдинга энгашди. Эндиям уларнинг диққатини аёл ўзига тортишга қарор қилди. Уятсиз қилиқларини ишга солиб бўлса ҳам, Раҳоба уларнинг эътиборини қаратди. У деразадан бошини чиқариб эгилган эди, девордаги қоп-қора жингалак сочлари тоғдан шовқин солиб тушаётган шаршарани эслатди. — Ҳой, паста юрганлар! — қичқирди у. — Ҳой, иккаловингиз! Новчароғи унга қараб, қизариб кетди. Раҳоба уларни қўли билан имлаб чақирди. — Мен сизларни яхши кутиб олиб, илтифот кўрсатаман. — Раҳмат, керак эмас! Унинг хиралик қилаётгани йигитга хуш келмади. Дўстига бир нималардир деб, йўлида давом этдилар. Раҳоба йигитнинг лоқайдлигига эътибор бермай, бўш келмади. — Менга қиё боқмаган эркакни ҳали ҳеч учратмаганман! Аччиғи чиққан йигит тўхтади. — Сен кўрсатадиган хизматинг учун рози қилишга пулимиз етмайди! — Мен сизларга ўз нархимни айтдимми?! Аскар қўлини силтаб, аёлдан кўзини узмай турган дўстига нимадир деди-да, нари кетди. Раҳоба эркак билан кечани ўтказиш учун қачон шунчалик ялинган? Агар у деразадан яна сал пастроқ эгилса, уларнинг оёқлари тагига қулаб тушади-ку! — Мен сизларга иссиқ нон, ажойиб мусаллас, тунашингиз учун кўнглингиздагидай жой бераман. Иккала дўст ҳамон унинг таклифларини рад қилишарди. Бундан аччиқланган Раҳоба оёғидаги ковушни ечиб уларга отди. — Аморийларнинг кўпчилиги дарвоза олдига яқинлашганларида, менинг исмимни айтиб чақиришади! Агар лашкарбоши бўлса ва у шоҳ учун зарур маълумотлар олиб келаётган бўлсагина, Раҳоба унга эътибор берарди. Қолган пайтда аёл уларга қиё ҳам боқмасди. Ҳозир ҳам агар уларнинг айғоқчилигини билмаганда, у йигитларга қарамаган бўларди. Раҳоба буни тушунди. Балки улар Раҳобани, бир фоҳиша аёл-да, ўз иши билан шуғулланмоқчи бўлса керак, деб ўйлашди, шекилли. Раҳоба уларнинг тақдирини ўйлаб қўрқиб кетди. Наҳотки дарвоза олдида турган қоровул аскарлар бизнинг ҳийламизни пайқамайди, деб ўйлашса?! Аёл иложи борича уларнинг икковини ҳам уйига олиб кириши керак. Шоҳнинг аскарлари диққат билан қарашадиган бўлса, уларнинг айғоқчи эканликларини дарров пайқашади. Кейин эртага бошларини таналаридан жудо қилиб шаҳар деворига осиб қўйишади. — Ҳатто шоҳ ҳам менинг қўлларимдан нон еб, май ичган! Новчароқ йигит яна тўхтаб унга қаради. — Нега энди айнан бизни уйингга таклиф қиляпсан? Бундай саволдан аёл калака бўлаётганини сезса ҳам, оддийгина қилиб жавоб берди. — Йигитлар, агар диққат қилиб тинглашга вақт ажратсаларингиз, мен сизлар билан ҳаётимда орттирган донишмандлигимни ўртоқлашмоқчиман. Раҳоба яқин турган соқчилар эшитиб гумон қилмаслиги учун ҳамон эркаланиб гапирарди. — Сизларга нима кераклигини мен биламан! — Наҳотки?! Она сути оғзидан кетмаган бундай ўзбошимча жўжахўрозлардан Раҳобани Худонинг Ўзи сақласин! — Ҳар ким тамадди қилишга, дам олишга муҳтож, — деди аёл. Агар у яна тескари қарайдиган бўлса, човгумни отмоқчи бўлди. — Кимдир эса оқилона суҳбат қуриш учун келади. Бирдан йигит жиддийлашганини Раҳоба сезди. Яна ҳам ишонч ҳосил қилиш учун у нозланиб сўради: — Иордан дарёси ҳозирги вақтда жуда ҳам чуқур, тўғрими? Аёл қошларини чимириб жим бўлиб қолди. Жуда меъёридан ошириб юборди, шекилли, ҳалигача ҳеч ким унга бундай ваҳима билан боқмаган эди. — Биз чарчаганмиз, қорнимиз ҳам оч, — деди йигит таслим бўлганини билдириб. — Мен билан учрашганингиздан афсус қилмайсизлар! — Сени қандай топиб кирсак бўлади? — Дарвоза олдида сизларни кутиб олиб, йўлни ўзим кўрсатаман. Атайлаб вақти-вақти билан улар томонга қараб турган соқчилар кўрсин, деб Раҳоба меҳмонларга узоқдан имо билан ҳавойи ўпич қилди. Ўзи эса ҳаяжондан титраб кетди. У ўтирган курсисидан сакраб туриб, пардани тушириш учун ипидан тортди. Кўчага чиқишдан олдин бармоқлари билан сочларини тараб ўрди. Аёл зинопоялардан учиб тушиб, кўча бурчагига бурилди. Куннинг жазирама пайти бўлиб, кўчада одам кам эди. Кўпчилик эрталаб ишлаб, ҳозир дам олаётган эди. Дарвоза олдига келганда, Қобул иккала йигитни кузатиб турганини кўрди. Раҳоба қадамини секинлатиб, шошмасдан унга яқинлашди. Муздек тошга суяниб, уни чақирди: — Қобул! Қобул қайрилиб қаради, хурсанд бўлиб, қўриқлаш ўрнини ташлади-да, аёлнинг ёнига келди. — Гўзалим, куннинг жазирамасида кўчага чиқишга сени нима мажбур қилди? — Албатта сен, — эркаланиб жавоб берди Раҳоба. Қобул кулди. — Балки бирорта бойроқ савдогар ёки филист чопаридир? Аёл қошларини чимириб унга маънодор боқди. — Ким билсин… Қобул тиржайиб унинг қўлини ушлади. Аёлнинг кўзлари қоронғулашди. — Сен титраяпсан. — Кеча кўпроқ май ичиб юборибман, — деди Раҳоба Қобулнинг қиличи сопини ушлаб. Аслида унинг хаёли бошқаларда эди. Шу пайт икки аморий аскари дарвозадан киришди. — Сен кеча мен билан ичмадинг-ку, — деди Қобул аёлнинг юзларини силаб. — Нима дейсан, бугун навбатчиликдан кейин олдинга чиқсам, бирга ичамизми? — Йўқ, бир неча кун ўзимни майдан тийиб тураман. — Унда биз иккимиз… Раҳоба эркаланиб унинг қўлига секин уриб қўйди. Келган мусо-фирларни ҳеч ким текширмади. Уч-тўрт қария ниманингдир устида баҳслашарди. Қобулнинг ўрнига турган соқчи эътиборини кийимларини чанг босган икки аморийга эмас, балки баҳслашаётган қарияларга қаратди. — Раҳоба, сен мени калака қилгани чиқдингми уйингдан? — деб сўради Қобул. — Ҳечамда, — деди аёл бошини кўтариб, сўнг унинг кўзларига тикилди. — Биласанми, ўйлашимча, сен шоҳнинг энг кўркам аскарисан. Қобул ўлгудай манманлигидан аёлнинг гапларини иккиланмасдан тўғри қабул қилди. Қобул талтайиб тез-тез бир нималар деб гапираётганди, баҳслашиб ўтирган қариялар ғазаб билан бир-бирига бақириб кетди. Қобул уларга қарамоқчи бўлиб бурилганди, кўзи мусофирларга тушди. Новчароқ йигит Раҳобага тикилиб турганини сезиб, Қобул қовоғини солди. — Аморий аскарларими? Шунчалик паст кетасан, деб ўйламагандим. Раҳоба елкасини қисди. — Ким билади? Балким уларнинг шоҳ учун бирон бир хабари бордир. Қобул яна бир бор уларга қараб, ҳавотирланди. — Ҳозир нотинчлик, Раҳоба. Бу иккаласи айғоқчи бўлиши мумкин. Аёлнинг юраги баттар ура бошлади. — Сен шундай деб ўйлайсанми? — Уларнинг сочлари калта қирқилган. — Балки улар бирор назр-ниёз аташгандир, — деб Раҳоба Қобул-нинг қўлларини ушлаб жилмайди. — Менга қилаётган ғамхўрлигингдан хурсандман, аммо менинг олдимга кирувчиларни ўзим танлашимга имкон бер. Менинг ишларимга аралашаётганинг шоҳнинг қулоғига етиб борса, бу қилиғинг шоҳга ёқмаслиги мумкин. Агар улар ҳақиқатдан ҳам айғоқчи бўлсалар, шоҳ бу ҳақда билиши керак. — Нима, шоҳнинг манфаатларини сен ҳимоя қиляпсанми? Раҳоба унга маънодор қараб қўйди. — Сен нима деб ўйлайсан? — Унда эҳтиёт бўл. Исроилликлар бешафқат бўлишади. Хатто аёллар ва болаларга нисбатан ҳам, — Қобулнинг қоп-қора кўзларида қўрқув пайдо бўлди, лекин бу қўрқув Раҳобани ўйлаб пайдо бўлмаган эди. — Мен шоҳга хабар етказай. — Бир оз шошма. Нима учун келганларини билгин олдин. Ахир, улар кетиб қолишларини сен хоҳламайсан-ку. Соқчиларнинг бошлиғи танг аҳволда қолганини Раҳоба жуда яхши тушунарди. Нима қилсам шоҳга маъқул келаркин, деб ўйлаб, бир дақиқа жим қолди. Бу жумбоққа ечимни Раҳоба таклиф қилди. — Бу икки аморийни менга қўйиб бер. Мен май ичирганимдан кейин, уларни қўлга олиш анча осонлашади. — Менимча, сенинг гапинг тўғри. — Албатта, мен ҳақман, — деди аёл унинг камзули бурмаларини ўйнаб туриб. — Қолаверса, сенга қараганда шоҳни мен яхшироқ биламан. Раҳоба эркаланиб соқчиларнинг бошлиғига боқди. — Агар сен уларни бир соатдан кўпроқ вақтга берсанг, мен аморийлар эвазига шоҳдан оладиган ҳамён тўла олтинни сен билан бўлишардим. Ҳаяжондан Қобулнинг лунжлари қалтираганини Раҳоба кўрди. Ҳозир бошлиқнинг қалбида бурч ва очкўзлик ҳисси ўзаро курашарди. Нима ғолиб чиқади: пулга ташналикми ёки Исроил айғоқчилари ҳақида шоҳга вақтида етказмагани учун уни кутаётган жазодан қўрқувми? — Мен имкон қадар маълум вақтга уларни сенга беришим мумкин, — деб рози бўлди Қобул. У нари кетгач, аёл дарвоза ёнида савдо қилаётган тиниб-тинчимас, шўх ерихоликлар орасида ўзларининг бегоналикларини билин-тирмасликка ҳаракат қилаётган икки эркакка қаради. Балки улар энди аёлнинг олдига боришга иккиланишар. Чунки соқчилар бош-лиғи билан ҳозиргина гаплашган Раҳоба уларни тузоғига илинтирмоқчидир. Қобул уларни кузатиб турарди. Раҳобага қараб кўз қисиб деди: «Ҳаракатингни қил! Қулай фурсатдан фойдаланиб қолгин!» Раҳоба унинг фикрларини тушуниб етди. Қобул ҳаётини хавф-хатарга қўйгандан кўра, аёлни қўйиб юборгани афзалроқ. Шундай бўлди ҳам! Ёшгина аёл ноз-карашмалар қилиб, йигитларнинг олдига келди. — Ерихога хуш келибсиз! * * * Салмон кўча бўйлаб Раҳобанинг кетидан борарди. Узоқдан ҳам таърифлаб бўлмайдиган даражада гўзал кўринган Раҳоба ҳозир унинг ёнгинасида турибди. Аёлнинг гўзаллигини кўриб, унинг нафаси ичига тушиб кетди. Топшириқни бажариш вақтида Салмон бундай синовга учраш мумкинлигини, лекин ҳозир хипча белларига суқланмасдан топшириқ ҳақида ўйлаш имкони йўқлигини яхши тушунарди. Қизиқ, у неча ёшда экан? Унинг ёшини кўзлари фош қилиб турарди. Раҳоба уйнинг эшигини очиб тезда ичкарига кирди. Хонанинг ўртасида тўхтаб сабрсизлик билан уларни уйга чорлади. Хонага биринчи бўлиб Салмон, сўнгра Эфрайим кирди. — Во, мана буларга қара, — ҳайрат билан хонанинг ўртасида туриб гапирди Эфрайим. Салмон атрофга назар ташлади: турли рангдаги ёстиқлар, қалин тўқ қизил рангдаги пардаларни ушлаб турган қизил чилвир хонани безатиб турарди. Хонада асосий жойни эгаллаб турган каравотга қарамасликка у ҳаракат қиларди. Уйда хушбўй тутатқи хиди таралиб турарди. Кўринишидан, аёлга хизмат ҳақи учун кўп пул тўлашади, шекилли. Раҳоба эшикни ёпиб, устидаги ёпинчиғини ечиб қўйди. — Мен сизларни яширишим керак! — Сен нима ҳақида гапиряпсан, эй аёл? — Ўзларингизни тушунмаганликка солманглар. Сизлар Исроил айғоқчиларисиз. Олдинига мен иккиланган бўлсам, энди ишончим комил, — деди Раҳоба хонанинг орқа деворида турган нарвон томон юриб. Эфрайим ажабланиб, Салмонга қаради. — Биз қандай ҳатога йўл қўйдик-а? Салмон аёлга тикилди. — Сен қандай билдинг? У кўзларини олайтириб, бошини сарак-сарак қилди. — Сен, аморийлар шаҳарга келишганда, доимо синчковлик билан Ерихонинг истеҳкомларини томоша қилишади, демоқчимисан? Раҳоба хонанинг ўртасига нарвонни судраб чиқди. — Сенинг камзулингда қон доғи бор. Сенгача бу кийимни кийган, эндиликда ўлган одамнинг қони бу. Салмон аёлнинг йўлини тўсди. Шу лаҳзада унинг хаёлига: «Мано-ви аёлни ўлдириб, сўнг тинчгина топшириқни бажариб кетаверсаммикан», деган фикр келди. Аёл қаддини ростлаб, бошини кўтарди. Унинг жигарранг кўзлари тиниқ, бу кўзларда донолик барқ уриб турарди. — Мен гаплашиб турган аскарни кўрдингизми? У сизнинг кимлигингизни пайқади. — Сен айтдингми унга? — Унинг ўзи тушунди, — Раҳоба безовталана бошлади. — Сизлар шаҳарни кўришга келдиларинг-ку, шундайми? Ўз вазифаларингизни бажариш учун сизлар кўпроқ умр кечирсаларинг яхши бўларди. У Салмонга нарвонни бериб, томга чиқадиган эшикни кўрсатди. — Тез бўлинглар, нимани кутяпсизлар? Шоҳнинг каллакесарлариними? Эфрайим қаршилик қўрсатди. — Улар биринчи навбатда томни ахтаришади! — Сен хонанинг ўртасида қақкайиб тураверсанг, томдан излашга ҳожат қолмайди! Эфрайим у ёқ-бу ёқни кўздан кечирди. — Бошқа тузукроқ жой бўлиши керак! — Ажойиб, — Раҳоба қўлларини белига қўйди. — Агар сенга том ёқмаса, менинг ўрин тўшагим ёқадими? Эфрайим қўрқиб кетганидан дарров нарвонга чиқа бошлади. Саросимага тушиб қочаётган Эфрайимни кўрган Раҳоба унга раҳми келди. — Шундай йўл тутишингни мен билардим. Аёл Салмонга қаради. Йигит аёлнинг тўқ жигарранг кўзлари жуда чиройли эканини, у ҳеч қачон бундай гўзал кўзларни кўрмаганлигини хаёлидан ўтказди. Бекорга Ёшуа билан Холиб ажнабий аёлларнинг хавфли эканликлари тўғрисида огоҳлантиришмаган экан. — Сен-чи? — сўради Раҳоба ғамгин кулиб. Салмон нарвонга оёғини қўйиб, яна унга қаради. — Исминг нима? — Раҳоба. Ҳозир гаплашишга вақт йўқ. Бўлақол! Йигитдан сўнг Раҳоба ҳам нарвондан кўтарилди. Салмонни туртиб, Раҳоба имо-ишора билан уларга: «Ётинглар!» деб буюрди. — Шу ерга ётинглар, мен сизларнинг устингиздан зиғирпоя боғламларини ташлаб қўяман. Салмон Раҳобага қулоқ солди. Раҳоба тез, чақконлик билан меҳнат қилаётганини, даста-даста боғламларни уларнинг устига тахлаётгани-ни кузатиб турарди. Ишни тугатгандан кейин, аёл эгилиб пичирлади: — Сизларни бошқа қулайроқ жойга ўрнаштиролмаганим учун кечирасизлар. Аммо илтимос, мен қайтиб келгунимча қимирламай ётинглар. У шошиб хонасига тушди, томга чиқадиган эшикни маҳкамлади. — Биз ўз ҳаётимизни фоҳишага топширдик, — дея дўриллаб пичирлади Эфрайим. — Сендан бошқа тузукроқ фикр чиқармиди? — Агар қиличларимиз бўлсайди! — Яхшиям йўқлиги, бўлмаса, биз ҳозир Раҳоба билан гаплашган дарвоза соқчисининг асири бўлардик. — Раҳоба? Нима, сен унинг исмини сўрадингми? — Шундай вазиятда мен оқилона иш тутдим. — У билан сенинг ишинг нима? — деди Эфрайим. — Сен унинг кимлигини билиб турибсан-ку, — унинг овозида нафрат англашилиб турарди. — Секинроқ! — Нимага биз қўрқоқларга ўхшаб шу ўтларнинг тагида бекиниб ётишимиз керак? Уни ўлдириб, ўз ишимиз билан шуғулланганимизда яхшироқ бўларди. Эфрайим устидаги ўтларни итариб ташлаб ўрнидан турмоқчи эди, Салмон маҳкам ушлаб тўхтатиб қолди. — Бошлаган ишимизни тугатишимизни, бу ёққа нимага жўнатишганини ёдда тутишимиз керак. Ёки сен Ёшуа қандай топшириқ берганини эсингдан чиқардингми: Вазифамиз — шаҳарга кириб, маълумотлар йиғиш ва кейин шаҳардан чиқиб кетиш! У бизни қон тўкиш учун жўнатмаган, — деб Салмон дўстини қўйиб юборди. — Ерихода нималар бўлаётганини шоҳ билан нонни бирга баҳам кўрадиган фоҳишадан бошқа ким ҳам яхши биларди?! — Аёл кишининг этаги остига беркиниб, ўлимни кутишдан кўра, жангда олишиб ўлган яхши. — Биз унинг этаги остида бекинганимиз йўқ, — деди Салмон кулиб. — Биз зиғирпоя боғлари тагида беркиниб ётибмиз. — Кулишингни қара! Бизга шоҳ ҳақида ўша аёл гапирди. Нега энди сен бу фоҳишага ишонишинг керак? — Нима, сен унга қарамадингми? — Қарадим, лекин сенга ўхшаб тикилиб эмас. — У шоҳни ўзига ром қиладиган даражада гўзал. — Бўлиши мумкин, лекин сездингми, бояги соқчи бу аёлни жуда яхши билар экан. У, афтидан, шаҳардаги ҳар бир эркак билан «жуда яқин»га ўхшайди, бунинг устига, шаҳарга келадиган юзлаб савдогарлар ҳам унинг эътиборидан четда қолмайди, шекилли. — Ундай бўлса, Раҳоба шаҳарда содир бўлаётган муҳим воқеалардан хабардор экан. — Эҳтимол, одамзодда учрайдиган ҳамма касалликлар унда ҳам мужассам бўлса керак. — Жим бўл! Биз Худо етаклаб келган жойдамиз. Салмон дўстининг Раҳоба тўғрисида айтган гапларига чинакамига жаҳли чиқди. Балки аёл ҳақиқатдан ҳам Эфрайим айтганидайдир. Нега унда Салмон уни ҳимояламоқчи бўлди? Нима сабабдан дўстини ва ўзининг ҳаётини Раҳобанинг қўлига топширди? У нафасини ростлаб, бироз ўзини чалғитишга ҳаракат қилди. — Яхшиси, фурсат борлигида дам олишимиз керак. Нима бўлганда ҳам, бу ерда узоқ қолмаслигимизни кўнглим сезяпти. * * * Шоҳнинг одамлари ўзларини узоқ куттирмасликларини Раҳоба яхши биларди. У дарвозадан иккала исроилликни эргаштириб нари кетиши биланоқ, Қобул шоҳга шаҳарга келган мусофирлар ҳакида хабар берди. Раҳоба нарвондан тез пастга тушди-да, нарвонни полга ётқизиб қўйди. — Раҳоба! Эшигингни оч! Раҳоба юзидаги терни қўллари билан артди, унинг юраги ҳаприқиб дукилларди. Кўйлагини, сочларини тўғрилаб, тез эшикнинг олдига борди ва ланг қилиб очди. Эшик олдида турган эркакни кўриб, гўё ўзини қувонганга солди. — Вақтлироқ келасан, деб ўйлагандим, Қобул. Ҳаяжонланган ва безовталанган Қобул ҳамон эшик олдида турарди. Унинг орқасида қуролланган, жангга тайёр бошқа аскарлар турарди. Аёл уларнинг кўзларида, худди ўзиники сингари, қўрқувни кўрди. Лекин Раҳоба бошқа нарсадан чўчирди. Агар Қобул қонун-қоидага риоя қилиб иш тутса, унда у уйга кириб ҳаммаёқни тинтув қилади, уйнинг томини ҳам. Агар айғоқчиларни топиб олса, Раҳоба ўлимга ҳукм қилинади. — Шоҳнинг буйруғига биноан, мен сенинг уйингга кирган икки эркакни олиб кетишим керак. Улар Исроил айғоқчилари, бизга қандай қилиб ҳужум қилишни билиш учун шаҳарга келишган, — деб Қобул хонага бошини суқди. — Олиб чиқ уларни! — Ҳа, тўғри, улар бу ерга киришди, лекин уларнинг қаердан келганини мен билмайман. Улар кеч тушганда, ҳали дарвоза ёпилмасдан олдин шаҳарни тарк этишди. Қаерга йўл олганларидан хабарим йўқ. Агар тез ҳаракат қилсаларингиз, уларни қувиб етишларингиз мумкин. — Улар қаерга кетишди? — Мен билмайман, — такрорлади Раҳоба. Энди Қобулни икки айғоқчидан кўра даҳшатлироқ нарса кутарди. У жаҳлдор, айни пайт-да қўрқиб кетган шоҳ олдида жавоб беради, керакли жазосини ола-ди. Чунки у исроилликларни тутиб зиндонга ташлаш ўрнига, қўлдан чиқариб юборди. — Тезроқ! Уларнинг кетидан югуринглар. Чаққон ҳаракат қилсангиз, қўлга олишга ҳали вақтингиз бор! Қобул Раҳобанинг гапларига ишонди. Қандай қилиб ишонмаслиги мумкин?! Чунки аёл неча марта шоҳга содиқлигини исбот қилган. Агар чет элликлардан мисқоллаб шоҳга етказиш учун маълумот тўплаб шоҳга етказганда ва шоҳ бунинг эвазига совға-салом бермаганда, бундай бой-бадавлат яшай олармиди?! Аёлнинг бир оғиз гапи билан Қобул соқчилари билан йўлга тушди-кетди. Бошлиқ орқасига бурилиб, бақириб соқчиларига буйруқ берди, кейин дарвоза томон йўл олди. Раҳоба уларнинг орқаларидан чиқди. Аскарлар қоронғуликда узоқлашиб кетишларини кузатиб турди. Улар бурчакка қайрилиб кетишлари билан, уйига қайтиб кирди. Эшикни тамбалаб дераза ёнига югуриб борди. Вужудини тер қоплаган, юраги дуккиллаб урарди. Қобул аскарлари билан дарвоза ёнида эди. У соқчиларга дарвозани очишни буюрганини аёл эшитди. Агар у бир дақиқа тўхтаб, соқчилардан: «Аморий аскарлари кийимини кийиб олган кимсалар дарвозадан чиқиб кетдими?» деб сўраганда, улар албатта: «Йўқ, уларга ўхшаган ҳеч ким шаҳардан чиқмади», деб айтган бўларди. Раҳоба Қобулни шаҳар деворлари орқасида кўриб, енгил нафас олди. Унинг ортидан бошқа аскарлар ҳам эргашди. Улар шарққа — Иордан дарёси томонга йўл олишди. «Айғоқчилар дарёдан ўтиб кетмасдан олдинроқ қўлга оламиз» деган ниятда қўлларида найзалари билан ўзларига ишонч билан югуриб кетишди. Раҳоба кўзларини юмиб, жилмайди. Қобул аскарлари билан янада узоқроқ кетганига ишонч ҳосил қилиш учун у бир неча дақиқа кутиб турди. Сўнг кўзада май, саватда хурмо ва анор олди. Яна томга чиққани бошқатдан нарвонни қўйди. Томдаги эркаклар жим ётишарди. Балки улар ухлашаётгандир? Олиб келган нарсаларини томга қўйиб, секингина юриб зиғирпоя бойламларини олиб, бир четга қўйди. Раҳоба: «Уларни қўрқитиб юбормай», деб ўйлади. — Аскарлар кетишди. Чиқишларинг мумкин. Новча йигит биринчи бўлиб ўтириб, Раҳобага тикилди. Раҳоба синчков, изланувчан нигоҳни ҳис этди. Аёл унга ёқди. Раҳоба йигитга яқинлашганда, йигитни қандайдир ҳаяжон қамраб олди. Дўсти ўрнидан туриб, уст-бошини қоқиб олгунча, новчадан келгани жим ўтирди. — Биз бақир-чақир овозларини эшитдик. Раҳоба уларни тинчлантирмоқчи бўлди. — Соқчилар сизларни тутиш учун шаҳарни тарк этишди, — деди Раҳоба, у титраб-қалтираётгани шундоққина кўриниб турарди. У қўлидагиларни узатди. — Сизларга шароб билан нон келтирдим. Мусофирлар нимага иккиланиб турганларини Раҳоба тушуниб турарди. Ахир, у Ерихолик, бунинг устига, фоҳиша. Нима учун улар бу аёлга ишонишлари керак?! Нима сабабдан канъонлик аёл уларни ўз ҳимоясига олганини балки улар тушунмаётгандирлар. Балки бу аёл қандай қилиб аскарлардан осонгина қутилганига, улар унинг уйини тинтув қилишмаганига ҳайрон қолишаётгандир. Нега энди исроилликлар бу фоҳишанинг гапларига ишонишлари керак? Лекин улар ишонишлари шарт эди. Кўпчиликнинг ҳаёти шу битта аёлга боғлиқ эди. Раҳоба қўлларини тушириб, исроилликларга тикилди. — Худойи Таоло бу ерни сизларга берганини мен биламан, — деди у. — Биз ҳаммамиз сизлардан қўрқамиз. Биз доим ваҳимада яшаймиз. Мисрдан чиқаётганларингизда Худо Қизил денгизни қуритиб, сизларга йўл очиб берганини биз эшитганмиз. Сихўн, Ўгах ва яна аморийларнинг икки шоҳини Иордан дарёсининг шарқида нималар қилганингизни биламиз. Сизлар уларнинг халқларини тамомила йўқ қилиб ташладингиз. Қўрқувдан юрак— бағримиз адойи тамом бўлгани табиийдир. Улар ҳозир келишлари шартмиди — Раҳоба ҳеч тушунолмасди. Аёлдан кўра, ўзлари ҳам барибир бу ер уларга тегишли эканини яхши билишади-ку! Худо уларга берган ерни пинҳона келиб кўриш нимага керак бўлди экан? Наҳот улар иккиланишди?! Ёки далда бўлиши учунми? — Худоларинг тўғрисидаги гапларни эшитгандан кейин, бирорта ҳам аскар сизларга қўл кўтара олмайди. Ахир, Парвардигор, сизларнинг Худоингиз, пастда ернинг, тепада осмоннинг қудратли Худоси-ку. Худо танлаган ана шу халқнинг бир аъзоси бўлиш истагида Раҳобанинг юраги тилка-пора бўлди, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Аёл ўзини аранг қўлга олиб, уларнинг олдига келди ва қўлини узатди. — Энди мен сизларга ёрдам берганим учун, сенга ва сенинг оилангга мурувват кўрсатамиз, деб Худоингизни ўртага қўйиб қасам ичинглар. Ерихони қўлга олганимиздан кейин сени, ота-онангни, опа-укаларингни ва уларнинг оиласи ҳаётини сақлаб қоламиз, деб аниқ бир аломат беринглар. Новчаси ҳамроҳига қаради, у эса Раҳобага тикилганича турарди. Ойнинг ёруғида аёлнинг гапларидан у ваҳимага тушгани кўриниб турарди. Новча йигит яна Раҳобага қаради, мусофирларнинг кўзларида қизиқиш, завқ-шавқ чақнаб турарди. — Менинг исмим Салмон, буники — Эфрайим. Бизнинг ҳаётимиз сизларнинг бехатарлигингиз гарови бўлади. Аёлнинг юраги қувончга тўлиб, енгил нафас олди. У, Эфрайим нима дер экан, деб унга қаради. — Мен розиман, — иштиёқсиз деди Эфрайим, кейин асабийлашиб Салмонга боқди, сўнг иккаласи Раҳобага тикилди. — Агар сен бизни сотиб қўймасанг, Худо бу ерни бизга берганда, биз ваъдамизнинг устидан чиқамиз. Кўнгли кўтарилган Раҳоба чин дилдан жилмайди. У ўз ҳаётини ва унга яқин қариндош-уруғларининг ҳаётини уларга ишониб топширди. Худони ўртага қўйдириб қасам ичишга мажбур қилди. Улар берган ваъдаларини буза олмайдилар. Қодир Худога ишонч — берган ваъдани бажаришга ундайди. — Марҳамат, бу ёққа ўтиб ўтиринглар, — деди у текис томнинг устидаги кўрпачаларни кўрсатиб. — Жойлашиб ўтиринглар. Сизлар менинг меҳмонимсизлар. Раҳоба дастурхон ёзди. — Мен хурмо, бодом, нон, асал, кишмиш солинган пишириқ, мусаллас келтирдим. Нима ейсизлар? — Ҳеч нарса, — деди совуққонлик билан Эфрайим. — Раҳмат, — қўшиб қўйди Салмон дўстининг рад жавобини бир оз юмшатиб. Раҳоба қайрилиб уларга диққат билан назар солди. Унинг ўзи-ни ва оила аъзоларини қутқаришга ваъда беришгани билан, улардаги аёлга нисбатан ишончсизлик яққол сезилиб турарди. Айниқса, Эфрайим деганида. Унинг совуқ нигоҳидан аёл ўзини жирканч, совуқ тошнинг тагидан ўрмалаб чиққан қумурсқага ўхшаган-дай ҳис қилди. Нариги йигит эса аёлга аллақандай қизиқувчан-лик билан боқарди. Раҳоба ёстиққа ўрнашиб ўтириб, унга тикилди. — Сўрайвер, нималарни билмоқчисан? Йигит аёлнинг кўзларига қаради. — Бизнинг Худомизга қандай қилиб эътиқод қила бошладинг? — Ёшлигимда У ҳақда кўп эшитганман. — Ерихонинг ҳамма аҳолисига ўхшабми? Раҳоба кўзини қисиб қўйди. — Унга эътиқодим кучлилигини яхши биламан, лекин тушунтириб беролмайман, қолган аҳоли эса ҳали эътиқод қўймади. — Сенинг халқинг ваҳима ичида, — деди Эфрайим. — Биз дарвоза ёнида турганимизда уларнинг гапларини кўп эшитдик. — Ҳар қандай босқинчилардан қўрқишганидай, улар сизлардан ҳам қўрқишади. Аммо бу ғалабани сизларга Худо бераётганлигини улар тушунмаяптилар. Салмон аёлга қараганда, кўзлари ёниб кетарди. Раҳобанинг қадди-қоматига кўз югуртирди ва уни нигоҳи била бир қучиб олмоқчи бўлди. Аёл эса унга ёққанлигини дарров пайқади. Йигитнинг эътибори Раҳобанинг кўнглини кўтарди. Салмон ҳам жуда келишган йигит эди-да. Эфрайим эса яна олдингидай заҳархандалик билан аёлни ўз ўрнига қўймоқчи бўлди. — Сенинг ўз худоларинг бор. — Ёғочдан ясалган бутлар-ку улар! Улардан ҳеч қандай наф йўқ, — деди аёл киноя билан. — Лекин сен менинг хонамда бирорта бут кўрдингми? Эфрайим ўнғайсизланди. — Пастга туш, — деди Раҳоба нарвонни кўрсатиб. — Пардаларнинг орқасини, жавонларимни, каравотларнинг тагини қидириб кўр, қаерни хоҳласанг, ахтаравер, Эфрайим. Менинг уйимдан бирорта ёғоч бут ёки тумор тополмайсан. Аллақачон у худоларга менинг ишончим йўқолган. — Нима сабабдан? Яҳудий шу йўл билан уни жиддий синаб кўрмоқчи бўлди. Раҳоба жавоб беришга тайёр эди. — Бу бутлар мени қутқаролмади. Одамзод ожизлиги туфайли бу буюмларни ясаганлигини мен биламан, — деди у. Сўнг қўлларини олдинга чўзиб илтижо қилди. — Мен сизларнинг халқингиз орасида яшамоқчиман. Эфрайим қовоғини солиб Салмонга қаради. Салмон сал олдинга эгилди. — Биз бошқа қонунлар бўйича — Худонинг Ўзи берган Қонунлари бўйича яшаётганимизни сен тушунишинг керак. — Мен ўша Қонунларни билишни истайман. Йигитлар бир-бирларига қарадилар, Раҳоба гап унинг ахлоқи ҳақида эканлигини сезди. — Зино ва хиёнат қилишни манъ этадиган қонунларимиз мавжуд. Эфрайим эса унинг касби корини юмшоққина танқид қилиб эмас, аксинча, қўполлик билан қоралаб гапирди. — Фоҳишаликка йўл қўйиб бўлмайди. Кимки фоҳишабозлик билан шуғулланса, ўлдирилади. Раҳоба деразадан қараб уятсизларча уларни, уларгача юзлаб чақирган жазманларини эслади. Уятдан юзлари қизариб кетди. Ҳеч қачон у ўзидан бу қадар нафратланмаган эди. Исроилликларнинг унга ишонмаслиги, унинг дастурхонидан бирор нима ейишмагани, ҳатто бир қултум сув ичишмагани ҳам табиий ҳол. Раҳоба уятдан ёнарди. — Бундай ҳаётни мени ўзим танламадим, — деди у ўзини оқламоқчи бўлиб. — Ёш қизалоқлигимдаёқ отам мени шоҳга инъом этган ва мен бир нима дейишга… Салмон афтини буриштирганини кўриб, у тутилиб қолди. У қандай қилиб фоҳишага айланганлигининг аҳамияти борми? Бошиданоқ фоҳишалик ёмонлигини у ҳис этарди. Нима қилибди, ёш қизча отасининг гапига кириб унинг айтганларини қилса?! Лекин бу иши унинг йиллаб ўз «касб кори» билан шуғулланганини, кўплаб бойлик орттирганини оқлай олармиди? Йўқ! Раҳобак яҳудийларнинг ўзига тикилиб туришганини пайқаб қовоғини солди ва тескари қаради. Аёл бир оз тинчланиб, уларга юзланди. — Агар Эгангиз фоҳишабозликдан нафратланса, мен бу қилиғимни бас қиламан! Салмон ўрнидан туриб томнинг четига келди. У шаҳарни узоқ томоша қилди, сўнг қайрилиб яна Раҳобага қаради. — Биз кетишимиз керак, — деди у. — Эфрайим, биз вазифамизни бажариб бўлдик. Раҳоба зудлик билан ўрнидан турди. Ҳозир тез ҳаракат қилиш кераклигини у биларди. У шошиб нарвондан уйига тушди, йигитлар ҳам унинг кетидан эргашишди. Хонани кесиб ўтиб, каравотининг тепасидаги пардаларни тўсиб турган тўқ қизил арқонни ечиб тўғрилади. — Сизлар дарвозадан чиқиб кета олмайсизлар. Мана бу арқон билан деразадан тушасизлар. Раҳоба арқонни ўради, дераза олдига келиб арқоннинг бир учини деразадан пастга ташлади. Арқонни девор бўйлаб тушираётиб, деразадан пастга қаради. — Ерга ўн қаричча етмаяпти. — Ҳечқиси йўқ, — деди Салмон ва арқонни унинг қўлидан олиб сал нарироққа сурди. — Сен биринчи бўлиб тушасан, — деди у дўстига. Эфрайим деразага чиқди. — Шошманглар! — деди Раҳоба. — Тўғри тепаликлар томонга югуринглар. Сизларни излаб кетган шоҳ аскарлари қайтиб келгунича, ўша ерда уч кун бекиниб ётинглар. Кейин йўлларингизда давом этсангизлар бўлади. Эфрайим «хўп» дегандай бош ирғади ва арқонга осилиб пастга қараб туша бошлади. Раҳоба деворларнинг шувоғи секин— аста кўчирилаётганини, сўнг ерга Эфрайим сакраганда «гуп» этган овозни эшитди. Салмон арқонни унга узатиб, деразага ўтирди. — Менинг гапимга қулоқ сол, Раҳоба. Агар шу қизил арқон белги сифатида деразангдан осилиб турса, биз сенинг ҳаётингни сақлаб қоламиз. Оила аъзоларингнинг ҳаммаси — отанг, онанг, опа-укаларинг ва ҳамма қариндош-уруғларинг сенинг мана шу уйингда тўпланишлари керак. Агар улар кўчага чиқишса, улар ўлдирилади, биз сенга берган ваъдамиздан озод бўламиз. Шу уйдагиларнинг ҳаммаси тирик қолади, деб ваъда берамиз. Ҳеч ким сизларга қўл теғизмайди. Раҳоба хурсандлигидан йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлади. Пастга осилиб тушишдан олдин йигит яна бир бор унга қараб, деди: — Агар бизни сен сотсанг ҳам, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ўз ваъдамиздан озод бўламиз. — Мен сенинг шартингни қабул қилдим, — деб жавоб берди аёл. Йигитнинг кўзларидаги қатъийлик ёқимли нигоҳга айланди. Салмон арқонни қўйиб юборди, кафтлари билан Раҳобанинг бошидан ушлаб ўзига тортди. «Йигит мени ўпиб олмоқчи, шекилли», деб ўйлаб Раҳобанинг юраги бир дақиқа уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. — Қўрқма, мен сенинг олдингга қайтиб келаман. — Мен ҳам кутаман. Салмон аёлни қўйиб юбориб, арқонни қўлига олди. — Мени ушлаб туришга кучинг етадими? Раҳоба кулиб юборди. У бор кучи билан қаттиқ арқонни тутиб туришга ҳаракат қилди. Бўлди, энди кучим қолмади, уни бошқа ушлаб туролмайман, деб ўйлаганди. Аммо қаердандир унда ғайритабиий куч бўлганини сезди. Салмон арқонни қўйиб юборгандан кейин, Раҳоба оёғининг учида туриб деразадан пастга қаради. Иккала йигит ҳам деразанинг тагида туришган экан. Эфрайим эҳтиёткорлик билан у ёқ-бу ёққа қаради. Салмон Раҳобага қараб жилмайди ва қўлини кўтариб силкитиб қўйди. У ҳам Салмонга жавобан уларга: «Шошилинглар» дегандай бўлиб қўлларини силкитди. Тепаликлар томон олиб борадиган йўлдан кетаётганликларини кўриб, мамнун жилмайди. Учинчи боб Салмон билан Эфрайим тоғдан тепаликларга олиб боради-ган йўлдан боришарди. Улар кичикроқ бир ариқ бўй-ида тўхташганда, қуёш ботган эди. Улар чўкка тушиб, чанқоқларини бостириш учун анча сув ичишди. Эфрайим сув тўсилган жойдан бир нечта балиқ тутиб олиб, олов ёқаётган Салмонга ташлади. Салмон балиқларни тозалаб, чўпга ўтказиб оловда пиширди. Олдин у маннадан бошқа ҳеч нарса емаган эди. Бу балиқлар эса мазали пишибди, унга ёқди. Қорнилари тўйгач, суғоришга эчкиларни хайдаб келаётган канъонлик чўпонга кўзлари тушди. Чўпон мусофирларни кўриб, подасини ғарбга — улардан узоқроққа хайдаб кетди. — Бегоналардан қўрқиб кетди, — деди Эфрайим. — Эгамиздан қўрқув бутун ер юзини қоплаган. Чарчоқ устун келди. Салмон яшил майсалардан тўшалган гилам устига чўзилди. Уйқусизликдан кўзлари ачишди. — Ҳадемай дарбадарлигимиз ниҳоясига етади. Кўкрагини тўлдириб, ернинг хушбуй хидидан тўйиб нафас олди. Кўм кўк осмонда қўзичоққа ўхшаган оқ булутлар сузиб юрибди. Эй, Парвардигор Эгамиз, Сен бизни уйимизга, Ўзинг биз учун тайёрлаган юртга олиб кетяпсан. Бу бизга аталган Сенинг туҳфангдир. У юртни қўлга киритишимиз учун Ўзинг мадад бер! Салмон кўзларини юмиб, сувнинг аллалашидан уйқуга кетди. Тушига деразадан қараб турган гўзал аёл, унинг шамолда хилпираган қоп-қора жингалак сочлари кирди. * * * Қобул ва шоҳ аскарлари эртаси куни қайтиб келаётганини Раҳоба кўрди. Дарвозалар ҳали очиқ эди. Узоқдан келишлариданоқ Қобулнинг ҳафсаласи пир бўлганини англаш қийин эмас. Аскарлар чарчаган, хафа. Раҳоба, Қобул кўриб қолмасин, деб деразадан нари кетди. — Раҳоба! Аёл жавоб бермади. У Қобул тинч қўйишини, айтган гаплари-дан шубҳаланмаслигини, Раҳоба билан кўнгилхушлик қилмаслигини истарди. Аёл Қобулни кўришни хоҳламади. Кеча шоҳ чақиртирганида ҳам, у ипидан-игнасигача аскарларга айтган гапларини қайтарди. Шоҳ Раҳобанинг гапларига ишонди. Шу билан ҳаммаси тамом бўлди. Кечқурун Қобул унинг ҳузурига келганда, Раҳоба ҳаяжонини яшириб, эшикни очди. Қобул шоҳ буйруғига биноан яна бир бор текшириш учун эмас, ўз хоҳиши билан келганига аёл ишонч ҳосил қилди. Ўзимни ёмон ҳис қиляпман, деб баҳона қилиб жўнатиб юборди. Аслида бу баҳона эмас эди. Ҳақиқатдан ҳам у ўзини ёмон сезарди: Қобулнинг дастидан, Раҳоба ўзи кечираётган турмуш тарзидан, шаҳарнинг бутун аҳолиси ўта димоғдорлигидан ва ўжарлигидан ўлиб кетади. Буни тушунган Раҳоба яна ҳам эзиларди. Уларнинг қирилиб кетишидан у хурсанд эмас эди, фақат аёл улардан ўзини четга олмоқчи. Уйига беркиниб олиб, дераза олдида қутулиб қолишни истарди. Лекин яна бошқа қутқарилиши керак бўлган одамлар ҳам бор эди. Яна бир кеча ўтди. Учинчи куни Раҳоба уйидан чиқиб савдо- сотиқ қилгани бозорга борди. Отаси бозордалигини биларди. У қуруқ хурмо, кишмиш ва қуритилган дон маҳсулотлари сотарди. Раҳоба яқин келганда отаси унга жилмайиб, пештахта олдида турган харидорга ўгирилди. Кўнгли енгил тортди. Отаси ҳеч қачон уни қилган ишлари учун уришмасди. Оила тебратиш мақсадида ота хўрликларга чидарди. Шунинг учун қизини яхши тушунарди ва доим яхши кўрарди. Шоҳ Раҳобани ҳузурига чақирганда, онаси унга катта умид боғлади. Қизининг кучи унинг чиройида эканлигини онаси тушунарди. Аммо Раҳобани бу қизиқтирмасди. Эркаклар келади, кетади. Айниқса, бой-бадавлатлари. Шунинг учун шоҳ билан Раҳобанинг биргаликдаги ҳаёти узоққа бормади. Фақат шоҳ ҳузурида хизматга яхши жойлашиб олиши учун улар узоқ бирга бўлсалар кифоя. У ўзининг орзу-умидларини амалга ошира олди. Энди унинг даромад манбаи бор. Баъзида қариндошлари унинг ёрдамига муҳтож бўлиб, уларнинг ғурури имкон берса, уларга ҳам аёл пул билан ёрдам берарди. Раҳоба шоҳнинг ётоқхонасига кирганда, на отаси, на ака-укалари уни койишди. Шоҳнинг кошонасини тарк этганда ҳам унга раҳмлари келмади. Раҳобанинг қариндош-уруғлари унга нисбатан сабр-тоқат билан муносабатда бўлишди. У ҳам ўзи мустақил, бой-бадавлат яшаши мумкинлигини исботлади. Керак бўлганда, уларга пул берарди. Ҳеч нарсадан зориқмасинлар, деб хушторлари олиб келган совға-саломларни онаси, опалари ва келинлари билан бўли-шарди. Раҳоба бундай йўл тутишига фарзандлик бурчи ёки вазифаси эмас, балки уларга нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати туфайли шундай қиларди. — Бугунги янги кун сенга нима олиб келди, қизим? — Ишончни, отажон. — Ишонч — бу жуда яхши. Кел, ёнимга ўтир. Сўнгги кунларда қандай янгиликлар эшитганинг тўгрисида гапириб бер. Иккита курси олиб, биринчисига чолнинг ўзи, иккинчисига — қизи ўтирди. Отаси оёғини уқалаётганини Раҳоба кўриб турарди. Йиллаб оғир меҳнатдан отаси оёқ оғриғини орттирди, бугун эса оғриқ яна кучайган эди. Лекин отаси бу ҳақда гапиришни ёмон кўрарди. — Онам қалай? — Жуда яхши. Келинлар пишир-куйдир қилиб, зиғирпоя ипларини эшгунларича, уч набирага қараб ўтиради. — Укамлар-чи? — Укаларинг қалъа деворларини мустаҳкамлашяпти. Ота оғриётган оёғини силар, оғриқ кучайганидан афтини бужмайтирди. — Яна хурмо дарахтига ўзингиз чиқдингизми? Нима қилиш керак? Шоҳ унинг ўғилларига қалъа деворларини мустаҳкамлашни ва ертўлалар қазишни буюрган бўлса. Энди олдин ўғиллари бажарган ишларни чолнинг ўзи қиларди. — Набираларимга ўргатгандим. — Ота! Яхшиям йиқилиб бўйнингизни синдириб олмабсиз. — Менга қараганда, ўғилларим шоҳга керакли. — Шоҳ қанча мустаҳкам қалъалар қурдирса ҳам, бефойда. Ота оёқ уқалашни тўхтатиб, бошини кўтарди. — Исроилликлар Ситтимда тўхташди. — Қисқа муддатга. — Қисқа муддатга? — Йўқ. Худо бу ерни уларга берди. Чол қизининг юзига тикилиб, тез-тез киприк қоқди. — Эшитишимча, шаҳарга бир неча кун олдин Исроил айғоқчилари келишган экан. — Ҳозир улар, балким, ўзларининг қароргоҳларида бўлса керак. Отанинг кўзларида қўрқув кўринди. — Сен уларга қочишга ёрдам бердингми? Раҳоба олдинга салгина эгилиб, отасининг дағал қўлларини силади. — Ота, мен ҳақиқатни гапиряпман. Нима содир бўлишини мен биламан. Содир бўладигани эса фақат битта. Нималигини мен бу ерда айтолмайман. Кечқурун уйга қайтишда олдимга киринг. Оиламиз учун яхши хабарлар айтаман. Бу хабарлар байрам қилишга арзийди. Отанинг қўллари бирпасда музлаб кетди. У қўлларини мушт қилди. Ота қизининг кўзига тикилди. — Нима қилиб қўйдинг? — Бизни қутқарадиган воқеани, агарда биз сўзимизда турсак. Кечқурун келинг, ҳаммасини сизга айтиб бераман. — Улар Ерихога хужум қилишадими? — Ҳа, ота. Ерихони улар йўқ қилиб ташлашади, — деб Раҳоба ўрнидан турди, энгашиб отасини ўпди. — Аммо биз яқинда қутқариламиз. * * * Ота ўғиллари билан келди. Раҳоба уларни илиқ кутиб олди. Улар пастаккина хонтахта ёнига тўшалган кўрпачаларга ўтиришди. Раҳоба мусаллас қуйиб, овқат ейишни таклиф қилди. — Менинг қорним тўқ, — деди Мизрайим. — Бизни чақиртирган экансан, отам айтдилар. — Овқат суҳбатимизга ҳалақит бермайди. — Исроилликлар Иордан дарёси яқинида турсалару, иштаҳа бўладими?! Қўрқиб кетган, баджаҳл кичик укаси Йўаб унга тикилди. — Отамнинг айтишларича, сен Исроил айғоқчиларини уйингда қабул қилибсан. Ўзингни, бизнинг тинчлигимизни хавф-хатарга қўйишга сени нима мажбур қилди? Агар шоҳ эшитгудек бўлса… — Уларни менинг уйимга келишганини шоҳ билади, — эътироз билдирди Раҳоба ўзига бараварига тикилиб турган, оқариб кетган учта қиёфани кўриб. — Шоҳ уларни олиб кетишга ўз одамларини жўнатган экан, мен, мусофирлар аллақачон шаҳардан кетишган, деб айтдим. — Демак, исроилликлар Иордан дарёсидан ўтиб кетишга улгуришибди-да, — деди Мизрайим. — Агар уларни тутиб олишганида, аллақачон ўликлари шаҳар деворларида осилиб турарди. Раҳоба жилмайди. — Уларни тутишолмади, чунки мен уларни томнинг устига бекитиб қўйдим. — Сен…нима? — зўрға гапирди ота. — Ҳа, мен олдин уларни беркитдим, кейин деразамдан арқон ёрдамида туширдим. Кейин уларга: «Тепаликларда уч кун бекиниб ётинглар, сўнгра бемалол Иорданнинг нариги қирғоғига ўтиб кетасизлар», деб маслаҳат бердим. Отаси ва укалари унинг гапидан қотиб қолишди. Мизрайим сакраб турди. — Оҳ, Худойим, нималар қилиб қўйдинг-а? Йўаб тарвузи қўлтиғидан тушиб, бошини ушлади. — Сенинг сотқинлигинг туфайли биз ҳалок бўламиз. — Мен фақат бизга ҳаёт берадиган томонни танладим, — деди Раҳоба. — Ҳаёт? — Мизрайим аламдан қизариб кетди. — Сен нима деганингни тушунмаяпсан! Биз-чи, биз? Бизда танлаш имконияти бўлмайди-ку! Раҳоба ғазабланди-ю аммо ўзини қўлга олди. У оиласига шунча ёрдам берган бўлса-ю, Мизрайим эса опасини айбласа! — Шунинг учун мен сизларни чақирдим, — деди у. Дастурхонга кўзада мусаллас олиб келиб қўйгач, укаларининг ёнига ўтир-ди. — Ота, эсингизда бўлса, кўп йиллар олдин сиз хурмо ўрмонзорида бир Исроил айғоқчисини учратган эдингиз. Сиз унинг кўзларидан қайтиб келишга қатъий қарор қилганини билиб олгандингиз. — Улар қайтиб келиб мағлубиятга учрашди-ку. — Ҳа, лекин улар Худонинг сандиғисиз қайтиб келишган эдилар-да. Менга шундай сўзлаб берганмидингиз? — Ҳа, — ўтиб кетган воқеаларни эслаб, қовоғини солди ота. — Уларни Мусо бошлаб келмаганди. — Эшитишимча, Мусо ўлган эмиш, — деди Мизрайим жойига ўтираётиб. — Муҳими шу деб ўйлаяпсизларми? — деди Раҳоба. У укалари ва отасига тирик қолишнинг ягона йўли — бу исроиллик айғоқчилар билан унинг келишув қилгани эканини тушунтиришга уринди. — Қанчалик буюк бўлмасин, Мусо барибир инсон эди. Бу халқни эса Худо яратган, Ўз паноҳига олган. Биринчи бор улар бу ерга у ёки бу тепаликда изғиб юрган ўғрилар тўдаси каби келишган. Исроилликлар мағлубиятга учради, чунки уларнинг Худоси улар билан бирга эмас эди. Бу сафар Худо улар билан. Дарёнинг нариги томонида — исроилликларнинг янги авлоди. Улар ўз Худосининг амрини кутиб туришибди. Мизрайим, жим ўтир! Менинг гапларимга қулоқ сол. Вақт келиши билан исроилликлар Иордандан ўтишади ва ғалаба қозонишади. — Улар Ерихони қўлга киритолмайди, — деди Мизрайим му-салласдан ичар экан. — Биз бир неча кундан бери қалъа девор-ларини мустаҳкамлаяпмиз. Деворларнинг қанчалик мустаҳкамлигини ва қалинлигини ўзинг биласан. Ҳеч қандай лашкар ўтолмайди! — Ука, сен мақтаняпсану, аммо лекин кўзларингда қўрқув аломатини кўряпман, — деди Раҳоба унинг қаҳридан қўрқмай. — Деворлар Худо учун тўсиқ бўла оладими, ахир? У денгизу дарёларни иккига бўлиб ташлашга қодир. Бу ҳақда ҳаммамиз эшитганмиз. Худо Мисрга ўнта жазо юбориб, азоблади. У Мусо орқали гапирди, халқ қулликдан озод бўлди. Худо Қизил денгизни иккига ажратиб қуруқ йўл ҳосил қилди ва исроилликлар қуруқликдан ўтдилар. Бундай куч-қудрат тўғрисида эшитганмисан? Ҳақиқий Худо — Ўша! У Танҳо Худо! Сизлар буни тушунишингиз керак! Мен доим ўзим эшитган янгиликлар тўғрисида сизларга гапириб келганман. Исроил халқининг Худоси ҳақидаги ҳикоялар тўғрисида ўйлаб кўринглар. Сизлар нима деб ўйлайсизлар, нима сабабдан бизнинг халқимиз қўрқувдан титраб-қақшаяпти? Шу жумладан сизлар ҳам? — Лекин бу бизнинг еримиз! — хитоб қилди Йўаб. — Бу ерда уларнинг хаққи йўқ! Бу шаҳарни биз барпо этдик! Биз уйлар қуриб, боғлар яратдик! Отамизнинг отаси, унгача отасининг отаси шундоққина девор орқасидаги хурмо дарахтларидан меваларни териб олишган! Раҳоба яхшилаб уларни пўстагини қоқмоқчи бўлди. — Биз узоқ йиллар, бу ер Баалники деб, уларга сажда қилиб келдик. Аслида эса бу ер Ўша Худоники. У Ўз ерини олмоқчи, — деди кулиб. — Сизлар бўлсаларингиз, ўзимиз ясаган бутларга қурбонликлар келтирсак, тирик қоламиз, деб ўйлаяпсизларми? Ёғоч ёки қумдан ясалган бутларинг табиат устидан ҳукмронлик қила оладими?! — Раҳоба нафрат билан кулимсиради. — Улар доим тош ва лойдан ясалган қўғирчоқ бўлишган, холос, — деди аёл хонтахтани шаппатилаб. — Ана энди ҳақиқий Хўжайин Ўзини намоён қилди. Бу ер — исроилликлар Худосининг ери. Хурмозорлар, терафим[1] дарахтлари, узумзорлар ҳам Уники; асал келтирадиган асаларилар ҳам Уники; Мисрни вайрон қилган чигирткалар ҳам Уники! Ҳамма нарса Уники! У бу ерни ва ердаги жамики нарсаларни Ўзи танлаган халққа беради. У танлаган халқ ҳозир дарё ортидаги Ситтимда! Ўртага жимлик тушди. Ота Раҳобага қаради. Қиз отасининг титраб — қалтираётганини кўрди. — Сен бизни шу янгиликни айтиш учун чақирганмидинг? — Ҳа, энди биз оиламиз билан жам бўлиб, буни нишонлашимиз керак, — киноя билан деди Йўаб. — Биз мусалласга заҳар қўшамиз ва шу йўл билан исроилликларнинг найза ёки қиличидан келадиган азобли ўлимдан қутуламиз. — Зўр гап бўлди, — деди Мизрайим жирканиб. — Биз омон қоламиз, — деди Раҳоба. Мизрайим мусалласдан яна бир пиёла кўтарди. — Қандай қилиб? Исроилликлар ҳеч кимни тирик қолдирмайди! — Айғоқчилар қочиб, қутулиб қолишларига мен ёрдам бердим. Уларнинг қўшинлари шаҳарга хужум қилганда, бизни тирик қолдиришга сўз беришди. — Сен уларнинг гапига ишондингми? — сўради Мизрайим. — Улар биронта жонзотни ҳам тирик қолдирмасликларини ҳамма билади. — Улар қасам ичишди. — Қасам уни ичган одамдан аъло эмас! Раҳоба бошини кўтарди. — Укажон, мен сендан кўра одамларни тузукроқ биламан. Мен ёшлигимдан эркаклар билан иш бажариб келганман. — Шу ишинг билан оиламизга иснод келтирдинг. Ота хонтахтани мушт билан урди. — Опангнинг гапига қулоқ сол! У сендан катта, бу дунёда нима бўлаётганини бизлардан кўра яхши тушунади! Мизрайим афтини буриштириб, бошини қуйи солди. — Улар мусофир-ку! — деди ота. — Нега уларнинг гапларига ишондинг? — Мен улардан, Худони ўртага қўйиб қасам ичинглар, деб илтимос қилгандим, улар қасам ичишди. Бирор кимса Худо олдида берган қасамини буза оладими?! Агар улар ўз сўзларида турмасалар, Худонинг олдида жавобини берадилар. — Бизга бундан нима фойда, — ҳали ҳам қовоғи солиқ Йўаб тўнғиллади. — Бизлар унда ўлган бўламиз. Раҳоба эгилиб, қўлларини укасининг кифтига қўйди. — Сен кимга ишонишингни ўзинг ҳал қилишинг керак. Сен оддийгина одам бўлган Ерихо шоҳига ишонишинг мумкин. Ёки сен шоҳларнинг Шоҳи — Исроил Худосига ишонишинг мумкин. Тўғри, ерни кўриб кетишга келган йигитларни мен яхши билмайман. Мен фақат уларнинг Парвардигори ҳақида кўп эшитганман. Мен шу эшитганларимга ишонаман. Ҳар сафар У ҳақда эшитганимда, дилимдаги ишонч мустаҳкамланаверади. Бундан яхшироқ қилиб тушунтиролмайман. Лекин У — Худо, ҳақиқий Худолигини ва мен Унга ишонишимни, Ундан умид қилишимни аниқ биламан, — деди Раҳоба қаддини ростлаб, кейин эркакларга назар солди. — Икки йўлдан бирини ўзларингиз танлашларингиз керак: ҳаёт ёки ўлим. — Биз ҳаётни танлаймиз, — деди отаси ҳамма номидан. — Бизнинг фақат бир умидимиз бор, — деди Раҳоба, — бу — Исроил халқи Худосидан умид, — аёлнинг юраги хурсандчиликка тўлди. — Биз узоқроқ вақтга озиқ-овқат ғамлаб олишимиз керак. Исроилликлар бизни қутқаргани келганларида, уларнинг олдига қуруқ қўл билан чиқмаслигимиз керак. Ота, бозорда кўп нарса сотманг. Узум, дон, хурмоларни шу ерга олиб келинг. Қамал пайтида ейишга ва келажакда совғага ҳаммасини сақлаб қўяман. Раҳоба хонанинг узоқдаги бурчагини кўрсатди. — Мен сув сақлаш учун катта хумлар сотиб олдим. Ҳар куни хумларни тўлдириш учун булоқдан сув ташияпман. Ҳаммамизга етиши учун опаларим ҳам мешда сув ташиб келсин. Раҳоба ўрнидан туриб деразадан саҳрога қаради. — Биз тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳамма нарсаларингни тўплаб, яхшилаб жойлаб қўйинглар, керак бўлганда олиб кетишга тайёр турсин. Қуроллар ўқланган бўлсин, ўзларингиз ҳушёр туринглар. Исроилликлар дарёдан ўтишлари биланоқ, хотин, бола-чақаларингизни олиб уйимга келинглар, — деди у ҳаммаларига ўгирилиб. — Вақтни бой берманглар. Биз бу ернинг аҳолисидан ажралишимиз керак, чунки уларга ўлим муҳри босилган. Худо танлаган халқдан икки киши, уйингда йиғилганларнинг ҳаммаси тирик қолади, деб сўз берган. Менинг уйимдагилардан ташқари жамики халқ нобуд бўлади. Ота хонтахтани кафти билан урди. — Бу деворда деразалар кўп. Исроилликлар қандай қилиб сенинг уйингни қолганларникидан ажратиб олади? Раҳоба кулиб, деразага боғлаб қўйган қизил арқонни қўлига олди. — Улар бизни мана бу белгидан билиб олишади ва биз ўлимдан қутуламиз. — Раҳоба, биз йигирмата одам бўлсак, сен ҳаммамизга жой ва етарли озиқ-овқат топиб бера оласанми? — Оҳ, Мизрайим-эй, кўп ташвиш қилаверма. Сен қаерда ётишингни, нима ейишингни ўйлайсан, холос. Аммо яна бир нарсани қилишинг керак бўлади — Исроилликларнинг айтганларини бажариш! Агар яшашни истасанг, нарсаларингни йиғиштириб менинг уйимга кел, — деди Раҳоба жилмайиб. — Ҳа, айтгандай, шошилинчда хотининг Бейсмат билан болаларингни унутиб қолдирмагин, тағин. * * * Уч кун ўтгандан кейин, Салмон билан Эфрайим тепаликларни тарк этиб Иордан дарёсини кесиб ўтишди. Аморийларнинг кийимларини ечиб, ўзлариникини кийиб олдилар ва қолган йўлни югуриб босиб ўтишди. Ситтимда Ёшуа билан Холибни топишди. — Шубҳасиз, Эгамиз бу ерни бизга беряпти, — деди Эфрайим нафасини ростлаб, — чунки унинг аҳолиси биздан қўрқиб, ваҳимага тушган! — Тинчланиб, дамларингни олинглар, — Ёшуа имлаб оловга яқинроқ ўтиришларини таклиф қилди. Улар айтган гаплардан Ёшуа пинагини ҳам бузмади, худди ҳеч нима эшитмагандай, ўзгармагандай. Салмон ҳаяжонланиб, бутун қароргоҳ бўйлаб, билиб келган хабарлар тўғрисида жангни кутаётганларга бақириб югуриб айтишни истарди. — Ўша юрт бизники! У юртнинг бойликлари биз кутгандан ҳам мўл экан! Эгамиз берган ваъдасини бажарди. Канъонликлар Эгамизнинг қудратидан қўрқяптилар, уларнинг юраклари тилка-пора бўляпти! — Буни бизга Ерихо фоҳишаси айтди, — деди Эфрайим ҳали ҳам оғир нафас олиб. Фоҳиша. Салмонга Эфрайимнинг Раҳоба тўғрисида айтган гаплари ёқмади. Салмоннинг фикрича, Ёшуа ва Холибнинг айнан ишончи Худо танлаган халқ орасидаги бошқа одамлардан ажратиб турарди. Раҳоба билан ўтказилган бир кечадаёқ Эгамиз Ўз номини Уни танлаган ҳар қандай одамнинг юрагига жо қилишини Салмон тушунди, ҳат-то каньонлик фоҳишанинг юрагига ҳам! У ерда, Иордан дарёси ортидаги зулматда, бутпарастлар шаҳрида шубҳали ном билан бир аёл яшар экан. У ҳеч қачон Эгамизнинг мўъжизаларини кўрмаган, бир тишлам манна татиб кўрмаган, Қонундан бир сўз ҳам эшитмаган. Унинг иймони шунчалик кучли эдики, шаҳарни бузиб, халқини ўлдиришга келганларни қабул қилди, уларни ҳимоя қилди. «Эгангиз Раббий — танҳо Худо юқорида — осмонда, пастда — ерда», деб эълон қилди. — Ўша аёлнинг исми Раҳоба, — деди Салмон ҳурматли жангчиларга. — У уйининг деразасидан чақирди, кейин дарвозадан олиб ўтиб, уйига таклиф қилди. Бизни аскарлар излаб келганда, томига яширди. Бизни қидириб келган шоҳ аскарларига эса, мусофирлар аллақачон шаҳардан чиқиб кетишган, деб айтди. Эфрайим ҳам Раҳобани ҳимоя қилди. — Аскарлар унинг ёлғонига учиб, шамолни қувиб кетди. — Бизни аёл хушмуомалалик билан кутиб олди. Кетаётганимизда эса: «Уч кун тепаликда яшириниб туринглар, кейин йўлларингда давом этинглар», деб маслаҳат берди. У аёл бу ерни Эгамиз бизга берганини айтди. «Эгангиз Раббий — танҳо Худо юқорида — осмонда, пастда — ерда», деб эълон қилди. Бизга: «Мени ва менинг оила аъзоларимни қутқарамиз деб Худо олдида онт ичинглар», деб қасам ичирди. — Сизлар қасам ичдиларингми? Салмоннинг бошидан тер чиқиб кетди. Балки у итоатсизлик қилиб, Худонинг иродасига бўйсунмадимикан? — Ҳа, хўжайин, биз қасам ичдик, — деди Салмон ютиниб, томоғига бир нарса тиқилиб қолгандай бўлган эди. — Агар биз нотўғри иш қилган бўлсак, Эгамиздан ўтиниб сўрайман, қандай жазоси бўлса, мана мени жазоласин, бу аёлни жазоламасин. Биз Эгамиз Худо номидан, уйингда ким бўлса ҳам, ҳаммасини қутқарамиз, деб ваъда бердик. — Шундай бўлсин, — деди Ёшуа. Салмон енгил нафас олди. — Унинг уйи қайсилигини қандай билиб оламиз? — деб сўради Холиб. Салмон дарҳол жавоб берди: Биз унинг уйини бошқаларникидан ажратиб турадиган белгини билиб олдик. У бизга қочишга ёрдамлашганда, деразасидан қизил арқон орқали ерга тушгандик. Мен Раҳобага деразадаги мана шу қизил арқонни белги қилиб қолдиришини айтдим. Ўша арқонни топиб олиш жуда осон. Ёшуа ўрнидан турди. — Худо Ўзига қарашлиларни паноҳида сақласин. — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Холиб оловга шоҳча ташлади, юзлаб майда учқунлар тепага кўтарилди. Қўлларини қовуштириб оловга тикилди. Ёшуа қадрдон қабиладошига боқди, оловни айланиб ўтиб Салмоннинг олдига келди-да, қўлини унинг елкасига қўйди. — Сен Эфрайим иккаланг бу аёлга ва унинг оиласига ғамхўрлик қилишларингиз керак. Эгамиз эрталаб мен билан гаплашди, унинг амрларини уруғбошиларга етказдим. Сизлар уларни ҳозир эшитасизлар. Биз уч кундан кейин Иорданни кесиб ўтамиз. Тайёрланинглар. Эфрайим узоқлашаётган Ёшуага қаради. — Бизнинг Ерихога бориб кўриб келишимизга ҳеч қандай зарурат йўқ экан. Худонинг Ўзи нима қилишини биз келтирган хабарни тингламасдан ҳам ҳал қилибди. Холиб яна бир шохни синдирди. — Ҳеч қачон Худонинг йўлидан ёки Ўз халқи устидан тайинланган пайғамбарлар ҳаракатидан шубҳаланманглар, — деб қаради у олдин Эфрайимга, сўнг Салмонга. — Ёшуа Худонинг қўлидаги қуроли, холос. Салмон Эфрайимнинг умидсизлигига қўшилмади. Уларга берил-ган топшириқ Салмонга шуҳрат келтирмаганига ачинмасди. Ёшуа уларга ишониб Ерихога жўнатганлигининг ўзи кифоя эди. Эгамиз Ёшуага улар келишидан олдин амр берганлигининг ҳам Салмон учун аҳамияти йўқ эди. Улар келтирган хабарларга Худо муҳтожмиди? Балки Худо уларни Ерихога бошқа мақсад билан жўнатгандир, бу тўғрида Парвардигорнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Ёки Худо уларни Раҳобани топиб, унга нажот топиш йўлини кўрсатиш учун юборгандир. Холиб иккала дўстга юзланди. — Аёлни қутқариш масъулиятини ким бўйнига олади? — Мен, — жавоб берди Салмон. Холибнинг кўз олди қоронғулашди. — Худо сени марҳаматласин, биродарим, — деди Эфрайим. — Агар Холиб фоҳиша билан қандай қилиб тил топишиб қолганлигингни сўраса, мен тушунтиришга қийналардим! — кулиб деди у ва Салмоннинг елкасига қоқиб қўйди. — Эфрайим, сени ака-сингилларинг кутиб қолишди, — деди Холиб жиддий оҳангда. Эфрайимнинг ҳурсандчилигидан асар ҳам қолмади. — Ҳозир, хўжайин. У раҳмдиллик билан Салмонга боқди ва қариндошларининг олдига югуриб кетди. Раҳоба тўғрисида Холибнинг фикрини билишни Салмон кутар-ди. Мусонинг ўлимидан кейин Салмон Ёшуани ва Яҳудо уруғбошиси, пайғамбар Холибни бошқаларга қараганда ниҳоятда хурмат қиларди. Холиб — Мисрдан чиққан қуллардан бўлиб, Эгамизга хизмат қилган икки одамдан биттаси эди. Қария бошини кўтариб синчковлик билан Салмонга боқди. — У бошқа халқдан. Бегона халқ аёлларига нисбатан эҳтиёт бўлиш кераклигини биласан. — У аёл ҳам бизларга ўхшаган бўлмоқчи, — Салмон уни Холиб қўллаб-қувватлашини кутарди. У кўп ўйлади, Раҳобага бўлган ҳис-туйғулари тўғрида Холибга айтиб, ундан маслаҳат сўрамоқчи бўлди. — Мен у билан тақдиримни бирлаштирмоқчиман. — Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор, ўғлим, бу масалада шошмаслик керак. Салмон Холибга тикилиб деди: — Буни ҳозир ҳал қилсак яхши бўларди. — У жуда чиройли бўлса керак-а? — деб сўради Холиб. Салмон қизариб кетганини ўзи сезди. Қария жилмайди. — Ёш боладай қизариб кетдинг. Ғазабланган Салмон қатъият билан деди: — Мен йигирма олти ёшга кирдим, шу вақтгача кўнглимга маъқул қизни учратганим йўқ эди. Холиб бошини тебратди. Салмоннинг сўзларида ғазаб, хафагарчилик сезилиб турарди. — Ҳар доим шундай бўлади, Салмон. Бутпараст аёллар бизнинг эркакларимизни Худодан тортиб олишади. — Раҳоба бутпараст эмас. — У канъонлик. — Менинг ота-онамга қараганда бу аёлнинг имони кучли. Бир йўла ҳозир сенинг эътирозларингга тўхталайлик. У мендан катта, фоҳишабозлик билан кун кечиради. Холибнинг кўзлари чақнади. — Шундай аёлни сен хотинликка олмоқчимисан? — Раҳоба — тенги йўқ аёл. — Тенги йўқ?! — У имонли эканини ўз ҳаракатлари билан тасдиқлади. Холиб чўп олиб оловни титди. — Балки, у ўзининг ҳаёти эвазига ўз халқини сотган моҳир алдоқчи аёлдир. Холиб, бас қилинглар, деган маънодада қўлини кўтарган эди, аммо Салмон қатъият билан Раҳобани ҳимоя қилди. — Биз Худонинг хоҳиш-иродасини бажаришимиз керак. Бунга мени Ёшуа билан сиз ўргатгансизлар. Мен айнан шуни — Худонинг иродасини тушунишни истаяпман. Худо бу аёлга қандай йўл тайёрлаб қўйган — тушунишимга ёрдам беринг! Холиб секин нафас чиқариб, юзини артди. — Ёшуа кўрсатма берди. Сен бу аёлга ва унинг оила аъзоларига ғамхўрлик қиласан. Агар хоҳласанг, забткор сифатида ҳам у сеники бўлади. Салмоннинг юраги тез уриб кетди. Холибнинг гаплари аччиқ бўлишига қарамай, Салмон ўзини бебаҳо совға олгандай ҳис қилди. Холиб қўлларини тушириб, Салмонга жиддий қаради. — Сен бу аёлни ва унинг қариндошларини уруғингга қўшмайсан. Балки у ўз йўлидан боришни хоҳлар, оиласини ҳам ўзи билан олиб кетар. — У бизлар сингари бўлишни хоҳлайди. — Сенинг шунга ишончинг комилми? Салмон бошини қуйи солиб, ўйланиб гапирди. — Мен унинг кўзларини кўрдим. Мен унинг овозини эшитдим, — Салмон Раҳобага қанчалик ишонса, Холиб ҳам шунчалик ишонишини хоҳларди. — Худо бизни қутқарганда, биз қул эмасмидик?! Худо мени ва Эфрайимни Ерихога жўнатганлигининг ягона сабаби — бу Раҳобадир. Эгамиз бизни мисрликлар ҳукмидан қутқаргани сингари, Унинг мақсади — бу аёлни ҳам канъонликлар зулмидан қутқаришдир. — Салмон, Худонинг гапларига ўзингникини қўшишдан эҳтиёт бўл. Сен Эгамизнинг иродасини бажаришинг керак, юрагингдан чиққан хоҳишни эмас. Менинг авлодимга мансуб одамлар ўз йўлларидан кетишни хоҳлаган эдилар, натижада уларнинг ҳаммаси саҳрода қирилиб кетди. — Мен ҳар доим Худонинг хоҳиш-иродасини ёдимда тутаман. Сиз мени ёшлигимдан ҳақиқатга ўргатгансиз. Ўз ишларингиз билан менга берган ўгитларни тасдиқлаб келгансиз. Бир нарса мен учун тушунарли эди: Эгамиз бизга озодликни ўзимиз хоҳлаганимиз ёки қозонганимиз учун бергани йўқ. Эгамиз бизни Ўз буюк марҳамати ила қутқарди, — Салмон қўлларини узатди. — Эгамиз Ўзига интилганлардан, Уники бўлишни истаганлардан марҳаматини дариғ тутадими?! Шундай иштиёқни мен Раҳобада кўрдим. Мен буни унинг овозида туйдим. Эгамиз бизнинг хақиқий Худомиз эканлигига Раҳоба ишонади, У Эгамизга содиқлигини бизни — Эгамизнинг қулларини қутқарганда исботлади. Салмон гапирган гапларини ўйлаб, жим бўлиб қолди. Ниҳоят, уч кундан бери унинг юрагини ёндириб келган саволни берди. — Эгам бу аёлга кўрсатмоқчи бўлган яхши ниятлари билан менинг юрагимдан чиққан истакни бирлаштириши мумкинми? — Эгамизни иззат қилиш — донолик аломати. Агар Худонинг Ўзи Раҳобанинг дилига солмаганда, Раҳоба, Эгангиз осмондаги ва ердаги танҳо Худодир, деб айтган бўлармиди? — Агар сен мендан оддий ечимни кутаётган бўлсанг, билиб қўй — буни мен қила олмайман. Биз иккаламиз ҳам ибодат қилиб, Худонинг хоҳиш-иродасини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин Салмон ҳеч тинчлана олмади. — Агар Раҳоба мен билан Эфрайимни яширганини бирор кимса билиб қолгудек бўлса, у ўзини қутқара олмайди. Мен тез қайтишим керак… — Бу тўғрида у сендан илтимос қилганмиди? — Йўқ, лекин… Холибнинг кўзлари чақнади. — Унда бир нарсани сендан сўрашга ижозат бер: қани сенинг ишончинг, Салмон? Агар Эгамиз ҳақиқатдан ҳам бу аёлни қутқармоқчи бўлса, У қутқаради. Салмон яна бир нималар деб гапираётган эди, Холибнинг кўзларига қараб жим бўлиб қолди. У гапириб бўлди. Қариянинг юзларини босган ажинлар унинг йиллар давомида азоб-уқубатлардан орттирган донолигидан дарак берарди. Ўзга одамларнинг, шу жумладан, Салмоннинг ота-онасини ҳам гуноҳлари Холибнинг бундай, Салмон тасаввур ҳам қила олмайдиган қалбдаги оғриқларга сабаб бўлди. Худо Холиб билан Ёшуага: «Сизнинг авлодингиздан фақат иккингиз орзу қилган ерга киришингиз мумкин» деганига ҳам қирқ йил бўлибди.. Бутун бир авлоддан икки киши! Чунки қолганлар Худонинг қудратига ишонмасдан, шубҳа билдирди. — Худо Раҳобани паноҳига олишига мен ишонаман, — деди Салмон бошини қуйи тушириб. — Менинг ишончсизлигимни Худонинг ўзи кечирсин. — Қачонлардир мен ҳам ёш, қизиққон йигит эдим, — деди Холиб анча босиқлик билан. — Сен сабр-тоқатли бўлишинг керак, Худо бизнинг ёрдамимизга муҳтож эмас. Салмон бошини кўтариб жилмайди. — Сиз уни кўрганингизда, нима учун мен ёқтириб қолганимни тушунасиз. — Агар мен Раҳобани кўрсам, сенинг ҳаракатинг билан эмас, Худонинг иродаси билан ҳаёти сақланиб қолганини тушунаман, — деб ўрнидан турди Холиб. — Кеч бўлди, иккимиз ҳам дам олишимиз керак. Эртага қиладиган ишимиз кўп. Қамал қилиш учун ҳамма нарсани тайёрлаб қўйиш керак. — Салмон у билан бирга ўрнидан турди, лекин олов ёнидан кетмади. У Раҳобага уйланишга Холибнинг розилигини олмоқчи эди. — Агар Раҳобага уйлансам, сиз қаршилик қилмайсизми? Холиб унга маъюс қаради. — Унинг ўзи қандай қарорга келишини кутиб турсак, яхши бўларди. — Раҳоба бир қарорга келган. — Наҳотки? Агар Худо Раҳобани Ериходан қутқариб олиб чиқса, у тақдирини ҳал қилишни Худо ўзига қўйиб беради, — Холибнинг лабларида енгил кулги пайдо бўлди. — Агарда ҳақиқатдан ҳам Раҳоба, сен айтгандай, ақлли бўлса, Раҳоба ўзидан ёши каттароқ одамни танлайди. Салмон кулиб юборди ва танг вазият юмшади. Балки Холиб уни синаётгандир? — Сиз уни забткор сифатида меники бўлишини ўзингиз айтдингиз-ку. Холиб унга қўшилиб кулди. — Бу гапинг ҳам тўғри, лекин бундай жасур аёлнинг ўз фикри бўлса керак, — деди Холиб қўлини Салмоннинг елкасига қўяр экан. Сўнг яна жиддий оҳангда гапирди: — Жанг тугагандан сўнг, Ёшуа унинг тақдирини ҳал қилади. У синовдан ўтади, — Холиб йигитнинг елкасидан қўлини олди. — Агар ҳақиқатдан ҳам сен айтгандай бўлса, ташвишланмасанг ҳам бўлади. Лекин Салмон бу гапдан қониқиш ҳосил қилмади. У тўғридан- тўғри жавоб кутган эди, бунинг ўрнига кутишга тўғри келади. Ҳақиқатдан ҳам Салмон Холибга таништирган аёл эканини Раҳоба исботлай олармикан? Агар қўлидан келмаса, унда Раҳоба, сўз-сиз, исроилликларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаслигини Салмон исботлашга ҳаракат қилади. Тўртинчи боб Мизрайимнинг ўғли олиб келган катта сопол идишга Раҳоба донни солди. Яна икки сават бўлса, хум донга лиқ тўлади. Бошқа учта катта хумда сув бор. Икки хумда тўла хурмо, яна икки хумда эса узум. Сўнгги кунларда унинг онаси, опалари ва келинлари ловия, ясмиқ дони, пиёз, саримсоқ пиёз ва кўк пиёз келтиришди. Раҳобанинг уйи бозордаги озиқ-овқат билан тўла омборхонага ўхшарди. Агар қамал бир ҳафтадан ошиқ бўлса, бу озиқ-овқатлар етармикан? У яна бир бор ғамланган нарсаларни кўздан кечирди: нималар борлигини, нималар кам бўлиб яна келтириш кераклиги ҳисоб-китоб қилди, токи исроилликлар келиб уларни озод қилгунларича, унинг оиласи ҳеч нарсага муҳтож бўлиб қолмасликлари керак. Вақт яқинлашгани сари, унинг ҳаяжони ортиб борарди. Йўаб билан Мизрайим Раҳобанинг олдига ҳар куни кечқурун истеҳком ишларидан кейин келишарди. Раҳоба кечки овқатни дастурхонга тортгунича, улар кун бўйи нималар тўғрисида эшитган бўлсалар, эшитганларини гапириб беришарди. Ҳар бир зиғирттак маълумот ҳам кейинчалик асқотиши мумкин эди. Энг муҳими — отасининг ва акаларининг Исроил халқи Худосига имонини кучайтириш, шоҳнинг пуч режасига ишонмаслик! — Исроилликлар шаҳарни қўлга кирита олмасликларига шоҳнинг ишончи комил, — деди бир куни кечқурун Мизрайим. — Чунки улар ҳеч қачон бизникидай мустаҳкам қалъага дуч келмаганлар экан. Йўаб нондан бир тишлам синдириб, Раҳоба кўк пиёз қўшиб пиширган таомга ботирди. — Исроилликлар қалъа деворларига ҳатто яқинлаша олмайдилар. Чунки шоҳ минглаб найзалар тайёрлатиб қўйди. Бутун бир қўшин мудофаада туради, кимки яқинлашмоқчи бўлса, ўлдирилади. — Ўзингни ўзинг алдамагин, укажон, — деди Раҳоба Мизрайимга шаробдан қуйиб. — Мени омон қолдиради деб шоҳга ишонма. Шоҳни мен сендан кўра жуда яхши биламан. Исроилликлар бизга қарши чиққанда на шоҳ, на унинг аскарлари бирон нарса қилолади, чунки Худоси улар билан бирга. Сен менинг гапларимга қулоқ солишинг керак. Исроилликлар Иордан дарёси ғарбига яқинлашишлари билан, сен ҳамма ишингни ташлагин-да, бу ёққа югур. — Иорданнинг ғарбий соҳилига улар қандай қилиб етиб келишади? — Мен билмадим, — деди Раҳоба. Сўнг кўзани қўйиб, қўлларини белига тиради. — Балки улар ёғочдан сол ясашар ёки Иорданни сузиб ўтишар. Балки, пиёжда юриб ўтишар! Мизрайим кулиб юборди. — Балки уларни бургутлар олиб ўтишар ёки ундан ҳам қизиқроғи, улар қанот пайдо қилиб учиб ўтишар! — Нима, сен уларни калака қиляпсанми? — деди Раҳоба унинг бошига чертиб. — Агар Худо уларга Қизил денгизни иккига бўлиб йўл очиб берган бўлса, бу кўл Уни тўхтата олармиди?! У бир нафаси билан сувни қуритишга қодир. Сен учун энг ҳатарсиз жой — исроилликлар қароргоҳидан ташқари, бу ҳозир ўзинг турган менинг уйим! У кўзани олар экан, укаларига ачиниш билан қаради. Нега улар Ерихо ва унинг халқининг аҳволини Раҳоба сингари сезмаяптилар-а? — Бу ерга Худо келяпти! Сизлар унинг келишига тайёр туришларинг керак! Раҳоба курсини суриб ўрнидан турди. Хонанинг бурчагида турган катта хумларни, чўяндан ясалган бир неча идишларни, каравот устида турган кўрпаларни кўздан кечирди. — Яна нималар керак бўлиб қолиши мумкин? Қалтироғини босиш учун у ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. — Сабр-тоқатли бўлиш керак. Исроилликлар дарёни ҳозир кесиб ўтишаётган бўлса ҳам, у тайёр. * * * Исроилликлар қароргоҳи ҳали ҳам Ситтимда эди. Осмондан манна ёғиб турарди. Лекин кун ўтган сари, саҳарда камайиб, қуёш чиққанда эса манна эриб, ернинг бетида юпқалашиб қоларди. Салмон минглаб эркаклар, болалар, аёллар қатори, маннани йиғиштириб олиш учун чўккалади. Қировга ўхшаш маннадан нон тайёрлаб, ота-онаси Мисрдан олиб чиққан тандирга солди. У ота-онасини жуда кўп ўйларди. Салмон уларнинг ҳатосини такрорламасликни, имони кучли, мустаҳкам, бўлажак жангда бардошли бўлишини Худодан илтижо қиларди. У оддий эркак бўлишни эмас, балки Худонинг назари тушган эркак бўлишни хоҳларди. Маннадан ясалган ва зиғир ёғида пишаётган нонларнинг ажойиб хушбўй ҳиди димоғига урилди. У бир учи иккига бўлинган айри чўпни олиб нонни ағдарди. Очқаганидан ошқозони гумириб кетди. Нон пишгач, Салмон нонни буклаб олди, маза қилиб иштаҳа билан ейиш учун ўрнашиб ўтирди. Хадемай, манна ҳам ёғмай қўяди, бунга эҳтиёж ҳам қолмайди. Чунки одамлар Каньонга — сут ва асал оқиб турадиган юртга кириб борадилар. У ерда кўп сут берадиган сигир ва қўйларнинг катта подаси, кўпгина мевали боғлар, узумзорлар, дон-дунга тўлиб ётган далалар бор. У ердаги мавжуд озиқ-овқатлар ҳақида бу авлод фақат эшитган, холос. Эгамиз уларга ўзлари экиб, парваришламаган боғ ва узумзорларни, йиғиш учун бошқа халқ тайёрлаган буғдойни, ловия ва жўхориларни, ташлаб қочаётган халқнинг подаларини беришни ваъда қилган. Шунга қарамай, Салмоннинг ичи тўла ғам. У маннадан бошқа таъмни билмасди. Канъоннинг қирғоқларида Эфрайим билан дам олганида балиқ тутиб ейишганди. У таъм тамомила бошқача эди. Балиқ таъми жуда мазали бўлишига қарамай, Худо берган ва ҳадемай Унинг Ўзи қайтариб оладиган инъоми — манна билан тенглаша олмасди. Салмон эҳтиром, иззат-ҳурмат билан самовий нонни ушлаб турарди. Бутун ҳаёти давомида манна ёғилишини оддий бир ҳодисадай қабул қиларди. Энди бўлса, бу нон қанчалар қимматбаҳолигини тушунди. Кўзларида жиққа ёш билан нонни ея бошлади, чунки бу таом Худонинг Ўз қўли билан берилганини биларди. Худонинг бу туҳфаси унга ҳаёт бағишларди. Бунданда лаззатлироқ нарса бўлиши мумкинми? Бунданда тўйимлироқ нарса бўлиши мумкинми? Ҳадемай халқнинг саҳрода изғиб юришига барҳам берилади ва Худонинг содиқ халқи орзу қилган, Эгамиз уларга бераман деган юртга боришади. Исроилликлар она сутидан айрилган чақалоқлар каби, маннадан айрилишади. Салмон ҳам бошқалар каби ер ҳайдайди, экин экади, пода боқади ва хосил йиғиштиради. Улар шаҳарлар, уйлар қуришади, кўпайишиб ўзларидан авлод қолдиришади. — Эй, Худойим, бизнинг ишончимизни мустаҳкамла! — деб ибодат қилди у. — Бизни яна минғиллаб нолиётган чақалоқлар бўлишимизга йўл қўйма! Сен бизга бераётган ғалабаларингдан мағрурланиб кетишимиздан ўзинг сақла. Ота-боболаримизнинг қилган гуноҳи доим ёдимизда бўлади. Бу гуноҳларни бутунлай йўқ қилиш имкони бўлса эди, биз Сенинг олдингда қачонлардир Сен яратган Одам Ато ва Момо Ҳаво каби пок, бегуноҳ бўлардик. Халқни йиғинга чақирадиган шофар[2] янгради. Худо улар учун сахийлик билан тайёрлаган инъомини бориб олиш вақти келди. * * * Назоратчилар қароргоҳ узра Ёшуанинг буйруғини эшиттириб чиқдилар. — Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб кетаётган леви руҳонийларини кўрганингизда, уларнинг кетидан боринглар. Улар сизларни ҳали ҳеч юрмаган йўлингиздан олиб боришади. Аҳд сандиғи билан сизларнинг орангиздаги масофа ҳар доим бир километрча бўлиши керак, Аҳд сандиғининг яқинига борманглар. Салмон чаққонлик билан чодирини йиғиштирди. Чодир қозиқларини латтага ўраб, юкларига қўшиб бойлаб қўйди. Сўнг юкларини елкасига ортиб, минглаб Яҳудо халқи билан Аҳд сандиғини олиб ўтишларини кутди. Ўзида куч-ғайрат ва тезроқ дарё олдига югуриб бориш иштиёқини сезди, аммо ўзини тутиб, кутишни давом эттирди. Аҳд сандиғини унинг олдидан олиб ўтишди. Салмон қалбида завқ-шавққа тўла титроқни ҳис қилди. Руҳонийлар Аҳд сандиғини Иорданга олиб кетишарди. Ҳамма уруғдошлар айтилган масофада уларнинг орқасидан йўлга тушди. Юзлаб, минглаб одамлар ғалаба томон — олдинга интилаётган халқнинг қадамларидан ер ларзага келди. Иордан дарёси бўйида улар қароргоҳ қурдилар. Ёшуа халққа юзланди: — Покланинглар, чунки эртага Худо сизнинг орангизда кўп мўъжизалар кўрсатади. Эркаклар аёллардан ажралиб, кийимларини ювишди. Салмон улар билан бирга эди. Эрталаб бир оз манна егандан кейин, рўза тутиб ҳеч нарса емади. Кечани у ёлғизликда, ибодат қилиб ўз чодирида ўтказди. Эрталаб, тонг отиши билан Салмон яна кўплаб Исроил жанг-чилари орасида Ёшуа орқали Эгамиз қуйидаги сўзларини етказишини кутиб турарди. «Эй Исроил ўғиллари, келинглар! Сизларнинг Худоингиз — Эгамизнинг сўзларини эшитинглар!» Салмон олдинда, ака-укалари билан елкама-елка турарди. Ёшуа қўлини кўтариб, шундай овозда гапирдики, ҳатто энг орқада турганлар ҳам унинг овозини аниқ эшитишди. — Яқинроқ келинглар, сизнинг Худоингиз — Эгамизнинг сўзларини эшитинглар. Бугун сизлар ўзларингизнинг орангизда Барҳаёт Худо борлигига гувоҳ бўласизлар. У сизларнинг олдингиздан Канъон, Хет, Хив, Париз, Гиргош, Амор ва Ёбус халқларини ҳайдайди. Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Ер юзининг Худосининг Аҳд сандиғи Иордан дарёси узра олдингизда боради. Ер юзида ҳукмрон Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб бораётган руҳонийларнинг оёғи Иордан сувига тегиши биланоқ, тубидаги сув қуриб, оқаётган сув девор каби тик қотиб қолади. Ёшуа Аҳд сандиғини олиб кетаётган руҳонийларга ишора қилди. Улар дарёга йўл олишди. Салмон мўжизанинг гувоҳи бўлиш ниятида бўйнини чўзди. Юраги бир неча дақиқага тўхтаб қолгандай бўлди. У Худони қанчалик севса, шунчалик Ундан қўрқарди ҳам. Худонинг Аҳд сандиғини Салмоннинг қаршисидан олиб ўтишганда, у тасаввур қилиб бўлмас қувончдан қалтираб кетди. Баданидан чумолилар ўрмалаётгандай бўлди. Бошидаги ҳар бир соч толаси тик тургандай бўлди. Халққа йўл кўрсатиб кетаётган оқ булутлар устуни унга ёшликдан яхши таниш эди. Бу оловли устунни Салмон кечалари ҳам кўрган. Фақат у исроилликлар Мисрни тарк этганларидан кейин туғилган. У ерда содир бўлган мўъжизаларни — Қизил денгиз сувлари икки томонга ажралиб Исроил халқи қуруқ ердан ўтганини кўрмаган. Эгамиз қандай қилиб шиддат билан оқаётган Иордан дарёсидан халқини олиб ўтишини Салмон тасаввур қилиб, олдиндан завқланарди. Аҳд сандиғи халқдан анча олдинда эди. Сандиқ одамларнинг ҳимоясига муҳтож эмаслиги Худонинг бир белгисимикан? Агар халққа ижозат берилганда, улар мустаҳкам деворга ўхшаб бораётган Аҳд сандиғини ўраб олган бўларди. Лекин у узоқда — олдинда, олтин ранглари қуёшда ялтираб одамларга йўл кўрсатиб борарди. Денгизга яқинлашгач, одамлар жим туриб қолишди. Ҳамма қимир этмасдан, «Аҳд сандиғи ортидан боринглар!» деган амрни кутиб турарди. Руҳонийлар Иордан дарёси қирғоғига етиб келди. Улар ўйлаб ўтирмасдан жўшиб оқаётган Иордан дарёсига кирди. Ўша заҳотиёқ Салмон олдин ҳеч эшитмаган ҳайқириқ овози янгради. Сувнинг икки томонга сурилиб ўрта очилганини ва тепага шовқин билан кўтарилган оқ булутни кўрган Салмоннинг ҳайрати чексиз эди. Руҳонийлар Худонинг Аҳд сандиғини денгиз ўртасигача кўтариб бориб тўхташди. Олтин сандиқ эрталабки қуёш нурларида ялтирарди. Халқ унинг кетидан борди. Одамлар дарёдан ўтганларидан кейин, Ёшуа: «Эгамиз менга ўн икки кишини — ҳар бир уруғдан биттадан одамни танлаб ол, деб амр этди», дея эълон қилди. Холиб Яҳудо уруғбошиси сифатида уларнинг уруғидан сайланган вакилнинг исмини айтди. Олдинга Яҳудо чиқди. Унинг ташқи қиёфасини эслаб қолиш қийин эмас эди: баланд бўйли, бошқаларга қараганда бақувват. Эркаклар унинг елкасига қоқиб, олдинга ўтиб кетиши учун йўл беришди. У Холибнинг рўпарасига турди. Холиб унинг елкаларига қўлларини қўйиб, секингина гаплашиб, қўлларини туширди. Яҳудо югуриб бориб, Ёшуанинг олдида бошқа уруғлардан сайланиб турган ўн бир вакилга қўшилди. — Иорданнинг ўртасига, Парвардигорнинг — сизнинг Эгангизнинг Аҳд сандиғи турган жойга боринглар, — деб буйруқ берди Ёшуа ўн икки Исроил уруғи вакилларига. — Ҳар бирингиз Аҳд сандиғи рўпарасидаги денгиз тубидан биттадан тош олиб елкангизда кўтариб келинглар. Тошлар сони уруғлар сонига тўғри келсин, яъни ўн иккита бўлсин. Бу тошлардан ёдгорлик ўрнатамиз. Сизларнинг болаларингиз: «Бу тошлар нимани билдиради?» деб сўрашганида, сизлар: «Бу ёдгорлик Эгамизнинг Аҳд сандиғи Иордан дарёсидан олиб ўтилаётганда, дарё суви иккига бўлиниб йўл очиб берганлигини англатади», — деб жавоб берасизлар. Шундай қилиб, бу тошлар Исроил ўғилларидан абадий ёдгорлик бўлиб қолади. Ёшуа ва сайланган ўн иккита вакил дарёнинг ўзанига қайтиб боришди. * * * Раҳоба хайқирган овозларни эшитиб дераза олдига югуриб борди. Деразадан қараса, йўлда жангчилар югуриб келаётган экан. «Улар келишяпти! Улар келишяпти! Исроилликлар дарёдан ўтишяпти!» Иорданнинг шарқий соҳилида, дарёга кетаётган оломон тепасида чанг-тўзон булутлари кўринди. Раҳобанинг эътиборини олдинда ялтираб, қуёшдай нурларини сочиб турган бир нарса тортди! О, у эшитган Аҳд сандиғи шумикан, а? Раҳоба, оғзи очилганича, буғ орасидаги икки устуннинг тепага кўтарилиб, сувга кираётган одамлардан узоқлашаётганини томоша қилиб турарди. У ҳаяжондан титраб кетди. Қўрқув. Ҳайрат. Эҳтиром. У бир вақтнинг ўзида ҳам йиғларди, ҳам куларди. Юраги дукиллаб урарди. Деразадан тушиб кетишига сал қолди. Мўъжиза! У мўъжизани кўрди, ахир! — Қанчалар қудратли-я бу Худо! — ажабланди Раҳоба. Буғ кўтарилиб дарёнинг устидаги булутга айланди. Қўрқиб даҳшатга тушган каньонликлар ҳуркиган ҳайвонлар подасига ўхшаб бақириб шаҳар дарвозаларига югуришди. Чиндан ҳам бурғу чалиндими ёки Раҳобага шунақа эшитилдимикан? Исроил лашкари Иордандан юриб ўтишди. Минг-минглаб одамлар Мўаб текислигида чўзилиб келишарди. Улар осмондаги юлдузлар каби сон-саноқсиз эди. Одамлар илдам, лекин тартиб билан юришарди. Раҳоба бўйнини чўзиб хурмо ўрмонзорига қаради. — Отажон, шошилинг! Қаердасиз ўзи? Деҳқонлар билан ишчилар Ерихога қараб югуришди. Раҳоба ўзини тинчлантирмоқчи бўлиб, дераза токчасига муштларди. Ниҳоят, у отасини кўрди. Онаси ҳам отасининг орқасидан келар, иккаласининг ҳам қўлларидаги қоплар нарсалар билан тўла эди. — Ҳамма нарсаларингни ташланглар! — деб бақирди Раҳоба. — Ўзларинг тезроқ келинглар! Уларга бақириш бефойда эди. Барибир, ўлгудай қўрқиб, шовқин солиб югураётган оломон ичида улар Раҳобанинг овозини эшитмасдилар ҳам. Раҳоба жаҳл билан қўл силтади. Отаси уни кўрди, лекин қўлидагиларни ташламади. Чарчаган онасининг қўлидаги оғир юки ерга тушиб кетди, лекин у юкни ташламай судраб олиб келарди. — Югуринглар! — деб имо-ишора билан чақирди уларни Раҳоба. — Сизларга керак нарсаларнинг ҳаммаси бор! Улар, қийинчилик билан бўлса-да, биронта нарсасини ҳам таш-ламай, судралиб келишарди. Жаҳли чиққан Раҳоба уларни нималардир деб сўкди. Оломон дарвозага тиқилди. Кимдир жуда қаттиқ чинқирди. Кимдир йиқилиб тушди, шекилли, ҳамма уни босиб, устидан ўтиб кетди. Ҳамма қўй подасига ўхшаб тўс-тўполон ичида эди. Кучлироқлари эса ёнидагиларни тирсаклари билан ўнгга, чапга туртиб, ўзларига йўл очишарди. Кимдир эшикни тақиллатди. — Раҳоба! — деб чақирди Мизрайим. — Бизни ичкарига киргизгин! Раҳоба тамбани кўтариб эшикни очди. Ичкарига укаси ва унинг хотини Бўйсим икки болалари билан кириб келишди. Йўаб хотини Голан билан кўчада болаларига бақириб, уларни шошириб югурганча келишарди. Қўрқувдан юзлари оқарган, кўзларида ваҳима. Ҳар бири қўлида нарса кўтариб келарди. Уйга келганларидан кейин Раҳоба улар келтирган ашқол-дашқолларга қараб, бош чайқади: тувак, нақшдор кўзача, киприк бўяш учун шиша идиш соладиган сават, мўйчинак, қутида суртиладиган упа-элликлар ва тақинчоқлар, шохсимон идишда ёғ. Мизрайимнинг гўдаги то хотини ўтириб оғзига кўкрагини солмагунича бақираверди. Томда оёқ товушлари эшитилди, Мизраимнинг қизи қўлидаги кўзачани тушириб юбориб чил-чил қилди. Мизрайим унга дўқ урди. Қизча бақириб йиғлади, сўнг онасининг олдига келиб кўйлагига ёпишиб олди. — Мизрайим, жим бўлсанг-чи! Сен ўзингни дарвоза олдидаги телбалардай тутяпсан. Бақириғингдан болалар яна ҳам қўрқиб кетди, — деб Раҳоба қизчани қўлига олди. — Сен ҳеч нимадан қўрқма, Бўсимат, биз хатарсиз жойдамиз, — дея қизнинг юзларидан ўпди. — Ҳаммаси яхши бўлади. Раҳоба қўллари билан имлаб, ҳамма болаларни ёнига чақирди. — Болалар, бу ёққа келинглар! Ҳаммаларинг келинглар! Мен сизларга бир нарса бераман. У Бўсиматни ерга қўйиб, ичи рангли қаламчалар билан тўла саватни ўйнагани олиб берди. — Авив, жонгинам, кел, сен ҳам улар билан ўйна. Раҳобанинг Агри, Гера исмли опалари эрлари Вахеб ва Зебах билан болаларини олиб кириб келишди. — Кўчадаги одамлар жинни бўлиб қолишибди, шекилли! Агри ва Геранинг болалари бошқа кичкинтойларни кўриб, уларга қўшилиб ўйинга берилдилар. — Онамиз билан отамиз қани? — сўради Йўаб. — Улар дарвоза олдидаги оломон ичида ғойиб бўлишди, — деди Раҳоба деразага ишора қилиб. Бейсимнинг қўлидан чақалоқни олди. — Мизрайим, қара-чи, балки сен уларни топа оларсан. Раҳоба ўрнидан туриб болани бағрига босди, елкаларини силаб хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. — Эшитишимча, соқчилар дарвозани ёпмоқчи, — деди Йўаб. — Улар ҳаммани ичкарига киритишади, — деб тинчлантирди қолганларни Раҳоба. — Шоҳ: «Дарвоза ёпилишидан олдин ҳамма далаларда ишлаётган халқ шаҳарга киритилсин!» деб амр берди. Агарда шоҳнинг қўшини енгилса, шаҳарликларни деворларга чиқиб пастга тош юмалатига мажбур қилади. Отаси Раҳобанинг гапига кирмаганидан, у аччиқланиб турарди. Кўчада бақириб югураётган жангчини кўришлари биланоқ, онаси билан отаси ҳамма нарсаларини ташлаб бу ерга қараб қочишлари керак эди. Агар улар Раҳобанинг гапларига қулоқ солишганда эди, дарвоза кираверишидаги тиқилинч аҳволдан қутулган бўли-шарди. Шаҳарга кириш мақсадида бир-бирини босиб, тепаётган пода ичида уларга бирон бир зарар етмаслигига Раҳоба ишонарди. — Мен бориб уларни ахтариб келайин, — деди Мизрайим. — Зебах, эшикни беркитиб ол. Орадан бир соатларча ўтди, лекин ҳамон улардан дарак йўқ эди. Бойсимат минғиллаб йиғлашга тушди. — Ота-онам шаҳарга киришлари биланоқ, Мизрайим уларни олиб келади, — деди Раҳоба ўзини хотиржам тутишга уриниб, у, болалар қўрқиб кетмасин, деб шундай деди. Деразадан пастдаги тиқилинч оломонга қараб, шаҳар ташқаридан келган мусофирлар билан тўлганлигини кўрди. Ҳатто саёҳат қилиб юрган савдогарлар ҳам ўзларининг карвонлари билан дарвозаларни очишни талаб қили-шарди. — Бизни ичкарига киритинглар! — деган овоз келди. Бу Мизрайим эди. Зебах эшикни очганда аёллар уларни кўриб, енгил тортди. Бей-сим сочлари тўзиб, камзули йиртилиб кетган эрига йиғлаб ташланди. Бейсимнинг ортидан хонага юзлари қонга бўялган ота кириб келди. Раҳоба отасининг юзини ювиш учун идишга сув қуйди. Хонага тугунларини судраб кираётган онасига кўзи тушгач, сувни Агрига бериб онасига яқинлашди. — Бу тугунларда қимматбаҳо нима бор эдики, уларни деб ўз ҳаётингизни хавф остига қўйдингиз? — деб сўради Раҳоба ва қўлини тугунларга узатди. — Йўқ, тегма! — деб бақирди онаси унинг қўлларини итариб. — Йўқ, йўқ! Аччиғи келган Раҳоба хўнграб йиғлаб юборишига сал қолди. Бир томондан, ота-онаси келганига хурсанд бўлса, иккинчи томондан, уларни бефаросатлигига аччиғи чиқарди. Аслида ундай бўлмаса ҳам, ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қиларди. — Келинг, нарсаларингизни менга беринг. Мен эҳтиёт қилиб оламан. Қўйиб юборинг! Она холсизланганидан энтикиб полга ўтириб қолди. Рўмоли билан юзини ёпиб, хўнграб юборди. Агри отасига ёрдамлашмоқчи эди, ота уни силтаб, дераза томон йўрғалади. — Сен кўрдингми? Йўқ, сен нима бўлганини кўрдингми? Сув, худди гилам каби, Адам шаҳридан Ўлик денгизигача ўралди. — Мен кўрдим, — деди Раҳоба. — Худонинг қўли бу юртнинг тепасида кўтарилганича турибди. У, хонтахта устидаги манови тош каби, Ўз душманларини улоқтириб ташлайди. Ота деразадан ўгирилиб, унинг тагида қурилган зинапояга машаққат билан ўтирди. Раҳоба ҳали ҳеч қачон отасини шунчалик чарчаган ҳолда кўрмаган эди. Юзларидан тер қуйилиб оқар, вужуди қалтирарди. — Сен хақ экансан, Раҳоба. Улар бизни қириб ташлашади. Мўаб текисликларидан чигирткалар галасига ўхшаб бостириб келишяпти. Йўлларида дуч келган нарсани супуриб, янчиб ташлашяпти! — Отажон, тинчланинг. Ҳамма қўрқиб ўтирганди. Отасининг гаплари оловга ёғ қуйгандай бўлди. Раҳоба Агрининг қўлидан идишдаги сувни олиб, отаси қаршисида чўккалади. Сўнг ҳаммага эшиттириб баланд овозда гапирди. — Биз бу уйда бехавотирмиз. Латтани сувга ботириб, сиқиб отасининг юзларини арта бошлади. — Умрим бино бўлиб бундай ҳодисани кўрмаган эдим, — деди ота ҳамон қалтираб, кўзларини юмди ва титраб ютунди. — Бугунги содир бўлган воқеани кўраман, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим, — деди у тиззаларидаги қўлларини мушт қилиб. Азойи бадани дахшатдан тошдай қотиб қолган эди. — Ҳеч қачон бундай қўрқинчли Худони кўрмаган эдим! — Шундай Худога хизмат қилаётган одамлар бизни қутқариб қолишга онт ичганлар, — деди у идишдаги сувни қўйиб. Отасининг қўлларини Раҳоба ушлаб қаттиқ сиқди. — Менинг деразамдан осилиб турган арқонни эсланг. Вайронагарчилик куни келганда, биз омон қоламиз. * * * Гилгалнинг ғарб соҳилида, Ерихонинг шарқида ўн икки қабила вакилларининг ҳар бири елкасига катта-катта тошдан олиб қароргоҳ ўртасига келтиришаётганини сон-саноқсиз халқ кузатиб турарди. Ўша ерда тошларни бирин-кетин қилиб, бир-бирининг устига теришди. Ушбу тошлар Худонинг бугунги қилган ишидан хотира эди. Ёшуа ўн икки вакилни дарёнинг ўзанига бошлаб борди. Улар яна биттадан катта тошдан олиб, ўша ерга устма-уст қилиб қўйишди. Бу тошлар Худо халқни Иордан дарёсидан олиб ўтганлигининг аломати эди. Руҳонийлар Аҳд сандиғини дарё ўзанидан олиб чиқишлари билан, сув шариллаб оққани эшитилди. Дарё гумбирлаб, шимол ва жанубдан ўзанига қараб отилди. Кучли оқим ўн иккита тошга келиб урилди. Иордан яна бир бор тошиб, қирғоқларини босиб кетди. Эгамизнинг Аҳд сандиғи Гилгалдаги қароргоҳга олиб кирилганда, Салмон ҳам минглаб одамлар сингари хурсандчиликдан бақириб юборди. Ҳамма қўлини кўтариб уларни шу орзу қилинган ерга олиб келган Эгамизга, Иброҳим, Исҳоқ, Ёқубнинг Худосига ҳамду санолар айтдилар. * * * Қўрқув ва даҳшатдан лол бўлиб қолган одамлар Ерихо қалъаларида исроилликларни кутишарди. Шаҳар дарвозалари ёпилиб, катта ёғоч тамбалар сурилди. Шаҳарга киролмай кўчада қолиб кетган одамлар, тоғлардан бошқа юртларга олиб борадиган йўллардан паноҳ излаб тирқираб кетди. Улардан баъзилари ҳатто Ўрта денгизгача етиб борди. Улар: «Бутун сафар давомида Исроил халқининг Худоси Иордан дарёсини яҳудийлар кесиб ўтсин, деб дарё сувини қуритди!» деб улар жар солиб кетишди! Шундай қилиб, Исроил халқи Каньон юртига кириб келди! Бешинчи боб Холиб Яҳудо уруғидан барча эркакларни, йигитларни тўплади. — Биз Каньон юртига Фисиҳ байрамига тайёргарлик кўрилаётган кунда кириб келдик. Эгамиз Ёшуага: «Исроил халқининг ҳаммак эркак зоти суннат қилиниши керак», деб амр берди. Бу ердагиларнинг бари уларнинг оталари Мисрда яшаб юрганларида суннат қилиниб, Худонинг ғазабига учраганларини яхши билишади. Чунки улар ўзларини Худо танлаб олган озод, эркин халқ деб эмас, балки қуллар, деб ўйлаб иш тутишарди. Шундай қилиб, гуноҳкор авлодга ўз фарзандларини суннат қилиш таъқиқланган эди. Мана ҳозир шу қонунни бажарадиган вақт келди. Худонинг марҳамати Исроил халқини Каньон юртига олиб киряпти. Шунинг учун Худо Унинг халқи яна суннат қилинишини истади. Салмон минглаб қабиладошлари каби, суннат қилинишни кутарди. Уларнинг орасидаги эркакларнинг ёши турлича: чақалоқдан тортиб йигирма олти ёшли Салмондан тахминан ўн ёш каттагача бўлган эркак зоти бор. Йигит устарани ўйламасликка ҳаракат қилиб, Ерихо деворларига тикилди. Агар душманлар Исроил қўшинларининг жангга қодир эмаслигини билиб қолсалар-чи? Унда улар ҳимоясиз қолиб, худди тўрт юз йил олдинги шакамликларга ўхшаб енгиладилар. Ўшанда Ёқубнинг ўғиллари уларнинг сингилларига зўрлик қилгани учун, шакамликлардан ўч олишган. Шундай бўлса-да, Салмон қўрқмасди. Эгамиз Ерихон аҳолиси кўзи олдида мўъжиза кўрсатди. Улар дарвозаларини очиб, Эгамизга қарши чиқа олмадилар. Ерихо аҳолиси ўз қалъаларида писиб ўтиришни афзал кўрдилар. Ваҳима уларни шол қилиб қўйганди. Душман Исроилнинг суннат қилинишига гувоҳ бўлади. Майли, кузатишсин, кўриб қўрқувга тушишсин. Фисиҳ яқинлашиб келарди. Жон олувчи фаришта кечаси билан юриб, эшик кесакисига қурбон қилинган қўзи қони суртилган уйлардан ўтиб, Мисрнинг тўнғич фарзандларини нобуд қилган кеча барчанинг эсида қолади. Болалар оғриқдан дод-вой қилишарди. Раҳми келган Салмон афтини бужмайтирди. Унинг олдида олти киши суннат қилинди, энди навбат унга келди. — Салмон! — деб чақирди тантанали оҳангда Холиб у яқинлашганда. Маросим ўтиб бўлгач, Холиб уни дуо қилди. — Ҳозир муқаддас бўлдинг, энди сен уйлангин, Худо олдида эзгу ишларни амалга оширгин. — Мен Эгамнинг қули бўлай, — деди Салмон ва қийинчилик билан ўрнидан турди. Бир дақиқа боши айланди. «Ишқилиб, йиқилиб тушиб шарманда бўлмайин-да», деб хаёлидан ўтказди. Аммо дарров ўзини ўнглаб олди. У чодирига кирди, тиз чўкиб, Эгамизга сажда қилди, бошини қуйи солиб, Эгамизнинг халқидан бўлгани учун Унга шукроналар айтди. Кечга яқин Салмон ўрнида ётарди. Салгина қимирласа, ҳамма ёғи оғриб кетарди. Ҳамма эркаклар суннат қилинди. Исроилликлар энди Мисрдаги сингари мажусий эмас, балки Эгамизнинг озод туғилган болалари эди. Шундай қилиб, Аҳд янгиланди. * * * — Буни менга бер! — деди Раҳоба ва опасининг қўлидаги бутни олиб дераза томон юрди. — Нима қиляпсан? — деб бақирди Агри. Сакраб туриб, Раҳобанинг орқасидан югурди. — Йўқ! Ундай қилма! — Нимага бу жирканч нарсани менинг уйимга олиб келдинг? — деди Раҳоба ва сохта худони деразадан улоқтирди. Бут пастдаги тошларга тушиб чил-чил бўлганини кузатиб турди. Агрининг ранги оқариб кетди. — Беҳурматсизлигинг учун худолар сени жазолайди! — Агар у бирор бир кучга эга бўлганда, деразадан ташлаб юборишимга йўл қўярмиди?! Каллангни ишлат, Агри! Калла ишлатиш учун берилган-ку, ахир! Сизнингча, ўша бутни ташлаб юборганимиз учун у бизга кулфат келтириши мумкинми? Ахир, бу бир сиқим тупроқ-ку. Биттагина Худо бор, У — ер ва осмоннинг Худоси. У Худо яқиндагина Иордан дарёсини иккига ажратди! Наҳот сен бирпасда ҳамма нарсани унутган бўлсанг?! Унинг қаршисида тиз чўк! Отаси, онаси, опалари, укалари ва уларнинг болалари саросимага тушиб қолдилар. Ҳаммаси қўрқув билан Раҳобага тикилишди. Аччиғи келганидан Раҳоба титрарди, лекин уларга бақир-чақир қилиш бефойдалигини тушунди. Нега қариндошлари бунчалик ўжар ва калтафаҳм? Нега уларнинг юраклари тошдай қаттиқ? Раҳоба босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилди. — Бизнинг ягона умидимиз — яҳудийларнинг Худосидан. Уни ҳақоратлайдиган ҳар бир нарсадан қутулишимиз керак. Нарсаларинг орасида яна бутлар борми? Қариндош-уруғларнинг бари жимгина Раҳобага қараб туришарди. Аччиғи чиққанидан Раҳоба портлаб кетай дерди. — Қани, халта ва тугунларингизни очинглар. Менинг уйимга яна қандай жирканч нарса олиб келганларингни кўрсатинглар! Улар истар-истамас бирин-кетин тугунларидан турли нарсаларни чиқара бошлашди. Агрининг эри Вахеб ичи қумга тўла, кўзларининг ўрни тешик калла суягини чиқарди. — Бу менинг отам, — деди Вахеб Раҳоба суякка қараб турар экан. — У жуда доно одам эди. — Доно ва ўлик. — Ота-боболаримиз бизга насиҳат қилишади! — Хўш, нима деб насиҳат қилишади? Бизга ўхшанглар дебми? Нима, бу қумга тўла калла суяги яқинлашаётган ҳукмдан қандай қутулишимизни айтиб беради, деб ўйлайсанми? Уни ташлаб юбор! — Ахир, бу менинг отам-ку! — Вахеб, сенинг отанг ўлган. Унинг боши танаси билан бирга кўмилмагани жуда ачинарли. — Раҳоба! — бақирди ота. — Сен керагидан ортиқ гапиряпсан! — Ҳамма бутлар деразадан улоқтирилган тақдирдагина, мен ўз вазифамни бажарганимга ишонч ҳосил қиламан! — деб бақирди Раҳоба опа-укаларидан устун келиб. — Нега сизларнинг ўлимингизнинг гуноҳини мен бўйнимга олишим керак?! Менга қулоқ тутинглар ҳаммаларинг! Бу қум билан тўлдирилган калла суяги яҳудийлар Худосини ҳақоратлашдан ўзга нарса эмас-ку? Ундан халос бўлинг! Менинг уйимдан уни улоқтиринг! — Абуосаф! — деб юзланди Вахеб Раҳобанинг отасига. — Унинг гапларига сиз қўшиласизми? Улар аёлни қўллаб-қувватламаганини, юзлари қизариб кетганини Раҳоба сезди. У деразани кўрсатди. — У ёққа қаранглар! Неча минг одамни кўряпсизлар? Уларнинг ҳаммаси ҳозирда сувлари тўлиб, соҳилларини босиб ётган Иордан дарёсидан юриб ўтишди. Сизлар кимга ишонмоқчисизлар: уларни Ерихо текисликларига олиб келган Худогами ёки манови суякларгами? Ҳамма бироз жим турди, кейин ота деди: — Раҳобанинг айтганини қил! Вахеб ялинди. — Балки уни мен нарсаларимнинг ичкарисига беркитиб қўярман, у кўринмайди ҳам. Кейин у сени ҳақоратламайди ҳам. — Тирмашиб олган бутинг билан менинг уйимдан йўқол! — Сен бизни ҳайдаяпсанми? — деб Вахеб унга тикилди. — Ўз опангни, бизни болаларимиз билан-а? Сен тошбағир аёлсан! Раҳобанинг аччиқ ёшлари кўзларини ёндириб юборди. Раҳоба ҳаммага бирма-бир қараб чиқиб деди: — Улар сенинг кетингдан ё ўзларининг бутлари билан кетишлари ёки қодир Худога ишониб шу ерда қолишлари мумкин. Бу гап ҳаммага тааллуқли. Сизлар танлашингиз керак. халқимиз, агар қалъа деворлари бизни ҳимоя қилолмаса, худолар қутқариши мумкин, деб кечаю кундуз қурбонликлар келтиришди. Лекин лойдан ясалган худолар Барҳаёт Худога бас кела олмайди-ку! Раҳоба Вахебнинг қўлидаги суякни кўрсатди. — Бўм-бўш турган кўз соққачаларига нигоҳ ташла, ака. Наҳот улар сенга қарай олади? Шу суякдаги жағ очилиб сенга доно сўзларни айта оладими? Бу калла суяги фикрлай оладими? У ўлган-ку! Уч кун илгари ҳақиқий мўъжизанинг гувоҳи бўлдик. Ўз умидингизни исроилликларни Иордан дарёсидан олиб ўтган, уларнинг орасида яшаётган Худога боғланг. Бу Худо Исроил халқига Ерихони беради. — Мен қўрқиб кетяпман! — деди йиғлаб Гера, эри Зебахнинг пинжига тиқилар экан. — Биз ҳаммамиз ҳам қўрқамиз, — деди Раҳоба мулойимлик билан. — Мана бу нарсалардан эмас, балки бизни йўқ қилиб ташлайдиган қодир Худодан қўрқинг. Бизлар узоқ вақт бу бераҳм, бағритош бутларга ишониб келдик. Агар биз бу бутларни ўзимиз билан қолдириб ер ва осмоннинг Худосига ҳурматсизлик қилсак, У Ўзининг марҳаматини кўрсатади, деб ўйлайсизми? Биз шаҳар аҳолисидан ажралиб бу уйда тўпландик, энди нопок нарсалардан қутулишимиз керак. Ўз худочаларингиздан фориғ бўлинг, опажон. Вахеб, Исроил Худосидан нажот изла! Ота аста-секинлик билан ўрнидан туриб онасининг олдига келди. — Дарда, биз ҳам шундай йўл тутишимиз керак. Бутларнинг ҳаммасини менга бер. — Лекин, Абуосаф… — Шу бутларни деб шаҳарга киришда қурбон бўлишимизга сал қолди. Раҳоба ҳақ, — деб ота қўлини онасига узатди. Онаси шаҳарга зўрға судраб кирган халтанинг боғини ечди. Халта ичида бутлар солинган қутича ва қўйнинг терисига ўралган олтита юмалоқ нарса бор эди. Раҳоба чўчиб тушди. У болалигида кўз соққалари бўш аждодларининг суякларидан қўрқарди. Улар ота уйининг тўрида турар ва ўтиб кетган авлоднинг мунгли хотирасини эслатарди. — Балки, биз қутичани қолдирармиз, — деди она. — Нима учун? — сўради Раҳоба. — Чиройли, қимматбаҳо бўлгани учун. Буниси — фил суягидан ясалган, бу тошлар эса… Раҳоба улар билан муроса қилишни ўйламасди ҳам. — Бу қути унинг ичидагиларни эслатиб туради, холос. Ота қутини деразадан ташлади, қути синиб ичидаги тош бутчалар қияликлардан думалаб кетди. Сўнг ота калла суякларини ҳам ташлади. Бирин кетин пастдаги тошларга тушиб ҳаммаси синди. Раҳоба яна бир бор қаради. — Гера, болаларнинг кўз мунчоқларини, туморларини еч. Гера болаларнинг кўзмунчоқларини ва туморларини ечиб, Раҳобага узатди. Улар ҳам деразадан ташқарига улоқтирилди. Ана шундан кейин Раҳобанинг кайфияти кўтарилди, қалбида илиқлик пайдо бўлди. Қариндош-уруғлар, уйда яна яҳудийларнинг Худосини ҳақорат қиладиган бирон нарса бормикан, деб қараб чиқишди. Раҳоба ҳаммаларидан тескари қаради, унинг қалби аллақандай туйғулар билан тўлди. Қанийди у ҳам ўз ўтмишини деразадан ташласа-да, синган бутлар каби ташқарида қолиб кетса! Раҳобанинг ўз бутлари бор эди: пул ва хотиржамликка интилиш, танасини ўзидан айириб сон-саноқсиз эркакларга фойдаланишга бериш, шоҳга хизмат қилиш, гарчи шоҳ халқни ўз мулки деб ҳисобласа ҳам. Эҳ, қанийди энди у ҳаётни бошқатдан бошласа, Барҳаёт Худо олдида қайтадан дунёга келса! Барча ифлосликлардан қутулиб, уят, ор-номусдан айрилмай, Унинг қаршисида шукроналар айтиб тиз чўкса! Раҳоба кўз ёшларини аранг тутиб, яна деразага қаради. У қўлла-рини Аҳд сандиғи жойлашган чодир томон узатди. О Исроил Худоси, Сенинг қаршингда тиз чўкиб туришни жуда ҳам истайман. Қандай қурбонликлар келтиришимни Сен хоҳласанг, мен кел-тираман, ҳатто ўз ҳаётимни ҳам беришга тайёрман. Мен қалбимни ва юрагимнинг эшикларини сенга очяпман, чунки фақат Сен мақтовга, олқишга лойиқсан, фақат Сен! Мизрайим уни елкасидан ушлаб хона ичкарисига тортди. — Соқчилар кўриб қолиши мумкин. — Майли кўришсин, — деб Раҳоба унинг қўлидан чиқиб, дераза олдига келди ва яна қўлини олдинга чўзди. — Майли, Барҳаёт Худо кўрсин! * * * Муқаддас суннат маросимидан сўнг, Исроил ўғиллари Фисиҳ байрамини нишонлашди. Исроил халқи Мисрдан чиқиб қулликдан озод бўлганларини бу байрам эслатиб турарди. Салмон қорнидан пастини ўради, оёғига шиппак кийиб, акалари, уларнинг хотинлари, бола-чақаларига қўшилди. Оила аъзоларининг охирида унинг турмушга чиқмаган синглиси Лиё кетарди. Оила бошлиғи Оминадов кечга яқин Фисиҳ қўзисини сўйди. Унинг хотини тахир ўтлар ва хамиртурушсиз нон тайёрлади. Қўзичоқ оловда қовурилгунча, оила аъзолари ўзларини мисрликлар қуллигидан озод бўлиш билан боғлиқ воқеаларни эслашди. — Бу кеча нимаси билан бошқалардан фарқ қилади? — деб сўради энг кичик болакай отасига, Салмоннинг ўртанча акасига ёпишиб. — Бундан қирқ йил олдин Худо оталаримизга, қўзичоқнинг қони билан эшикларингизнинг кесакисини бўяб, белги қўйинглар, деб амр берган, — деб соддароқ, тушунарли қилиб гап бошлади Оминадов. — Ўшанда Эгамизнинг фариштаси Мисрнинг ҳамма тўнғичларини ўлдирди, Исроил халқининг фарзандларини эса белгини кўрганда, четлаб ўтди. Онасининг тиззасида ўтирган яна бир болача сўради: — Биз унда ҳаммамиз қул эдикми? — Бизнинг отамиз Ёқуб, ҳали халқимиз Мисрда пайдо бўлмасдан анча илгари, оромий кўчманчиси бўлган эди. Ёқубнинг икки хотини ва икки чўриси бўлиб, улар ўн икки ўғил туғиб берган эдилар. Ўн икки уруғбошининг ҳаммаси шу ерда тўпланган. Ўн ўғил, шуларнинг қаторида бизнинг бобомиз Яҳудо кичик укалари Юсуфга ҳасад қилишарди. Шунинг учун акалари Юсуфни Мисрга кетаётган исмоилий савдогарларига сотиб юборишган. У Пўтифарнинг қули бўлди. Пўтифар сарой кўриқчиларининг бошлиғи эди. Эгамиз Юсуфни ҳамма ишларига барака берарди. Ҳатто Пўтифарнинг хотини уни оғир жиноят содир этди, деб туҳмат қилиб, хўжайини зиндонга ташлатганда ҳам, Худо уни тарк этмади. Қулликда ва зиндондалигида Эгамиз Юсуфнинг отасини ва акаларини ўлимдан қутқаришга тайёрлаб борди. Болалар яқинроқ келиб, ота-боболарининг тарихини эшитиш учун Оминадовнинг ёнига ўрнашиб ўтириб олишди. — Вақт ўтиб, фиръавнни даҳшатли тушлар таъқиб этди. Қулларидан бири унга, Юсуф тушларни таъбир қилади, деб айтгандан кейин, фиръавн уни олиб келишни буюрди. Эгамиз Юсуфга тушларнинг маъносини очиб берди: Миср ва унга яқин халқлар даҳшатли очарчиликка учрайди. Эгамиз Юсуфга Мисрни бу очарчиликдан қандай қилиб қутқариш йўлини ҳам кўрсатди. Фиръавн Юсуфнинг юртда энг донишманд одам эканини кўриб, уни бутун Мисрнинг бошқарувчиси этиб тайинлади. Оминадовнинг хотини секингина қўзичоқ гўшти тортилган сихни айлантирарди, у бўлса ҳикоясини давом эттираверди. — Очарчилик вақтида Ёқуб ўғиллари Мисрга дон сотиб олиш учун келишган. Юсуф акаларининг ўзига қарши қилган гуноҳини кечириб, Мисрга яшаш учун таклиф қилди. Фиръавн уларга Мисрнинг серҳосил ерини — Гўшан вилоятини берди. Оминадов энг жажжи болакайни тиззасига ўтирғизиб олган эди. — Кўп йиллар ўтиб Юсуфнинг акалари вафот этди. Лекин авлодида кўп фарзанд, невара-чевалари бўлгани учун Исроил халқи қудратли бўлди. Мисрни эндиликда бошқа фиръавн бошқарарди. Бу фиръавн қачонлардир Мисрни Юсуф очликдан қутқариб қолганлигини билмас эди. У бизнинг халқимизни хавфли деб билиб, ота-боболаримизни қулга айлантирди. Бизларнинг устимиздан фиръавн қаҳри қаттиқ назоратчилар тайинлади, чунки улар оғир ишлар қилдириб биз қирилиб кетишимизни хоҳларди. Лекин Эгамиз бизга ҳатто сарсонликда ҳам марҳамат қилди, биз тирик қолдик. Мисрликлар биздан яна ҳам кўпроқ қўрқишар, бизнинг қуллик ҳаётимизни янада оғирлаштирарди. Оҳак эритмасидан ғишт қилишни ва далаларда ишлашни буюришарди. Аммо бу ҳам фиръавнга камлик қилди. У яҳудий дояларига янги туғилган чақалоқларнинг ўғил болаларини ўлдиришларини буюрди. Аммо бу аёллар фиръавнга қараганда, Худодан кўпроқ қўрқишар эди. Шунинг учун доялар буйруқни бажаришдан бош тортишди. Шунда фиръавн ҳамма Исроил ўғил болаларини ўлдиришга буйруқ берди. Оминадов унинг ёнида ўтирган болалардан бирига кафтини қўйди. — Минглаб болалар Нил дарёсига ташланди. Шомуил, улар худди сенинг кичкина укангдай эдилар. Лекин бир Ёхавед исмли жасур аёл ўғлини уч ой беркитиб юрди. Охири, энди беркитишга илож топа олмагандан кейин, у тўқилиб сақичланган саватга болани солди. Кейин уни ўтнинг орасидаги сувнинг юзида қолдирди. У ердан чақалоқни фиръавннинг қизи топиб олди… — Мусони! — чапак чалиб, биргалашиб қичқиришди болалар. — Тўғри, бу Мусо эди, — секингина гапирди Оминадов. Унинг хотиржамлиги болаларга ўтди, улар жим бўлиб қолишди. — Мусо Худонинг танланган қули эди. Худонинг Ўзи Синай тоғида тош лавҳаларга ёзган Қонунларни Исроилга келтирган. Айнан шу Қонунлар учун Аҳд сандиғи ясалган, — деб мулойимгина қизининг бошидан силаб, бошқа болаларга қаради. — Бизнинг ота-оналаримиз Худо билан тузилган аҳдни бузганлари учун биз қирқ йил саҳрода юрдик. Улар Худо амрларига бўйсунмаганлари учун ҳаммалари саҳрода ўлиб кетишди. Қонун — уни ўрганиб билишимиз учун, қандай қилиб бизнинг Худомизга хуш келадиган ҳаётни кечиришимиз учун ёзилган. — Лекин, аввалам бор Қонун юрагимизда бўлиши керак, — деб қўшиб қўйди Салмон. Акаси унга қаради. — Агар бунинг иложи бўлса. Салмон Раҳоба ҳақида ўйларди. Ахир, Раҳоба Қонунни билмайди. Шундай бўлса-да, ўзининг ҳаракатлари билан унинг моҳиятини кўрсатди. Бутун қалбинг билан, бутун онгинг билан, кучинг борича Эгамиз — Худоингни сев. Қандай қилиб Раҳоба бундай имонга эга бўлади, агар Худонинг Ўзи бундай имонни унга инъом этмаган бўлса?! Хом сут эмган банда Эгамизнинг йўлини англашга кучи етармикан? Бирор кимса Унинг чексиз мурувватини тушунтириб бера олармикин? Раҳоба ўлимга ҳукм қилинган бутпараст аёл эди. Шундай бўлса-да, Эгамиз уни ўлимдан қутулиб қолишига ғамхўрлик қилди. — Эгамиз Мусони фиръавннинг олдига жўнатди. Мусо фиръавннинг олдига бориб, бизнинг халқимизни қўйиб юборишини айтди, — деб давом қилди Оминадов. — Аммо фиръавн қулоқ солмади. Олдинга қўлидаги идишда май билан бошқа акаси Нахшон чиқди. У идишни қийшайтириб, секин унинг ичидаги майни ерга тўка бошлади. — Эгамиз қаҳрини Мисрга ўнта жазо сифатида сочди: сувлар қонга айланди; Мисрни қурбақа ва қумурсқалар босди; ўлат яраси ва дўл исроилликларни шикастлади; чигирткалар бостириб келди; кундузлари Мисрни қоронғулик босди; ва ниҳоят, Мисрнинг тўнғич фарзандлари ўлдирилди. Майнинг сўнгги томчиси ерга тушди. — Ҳамма жазодан олдин, — деди Оминадов, — Эгамиз фиръавн-ни огоҳлантирди, тавба қилиб бизнинг халқимизни қўйиб юборишига даъват қилди. Аммо фиръавн юрагини баттар тош қилиб олди. Мисрда охирги жазо рўй беришидан олдин, Эгамиз Мусо орқали битта нуқсонсиз қўзичоқни сўйиб, унинг қонидан эшикнинг кесакисига суришни буюрди. Шу куни кечаси Эгамизнинг фариштаси келиб, эшиклардаги қонни кўргач, Исроил ўғилларининг уйини четлаб ўтди. — Ойижон, нега сиз йиғлаяпсиз? — Ота-боболаримиз қулликда бўлганларида чеккан азоб-уқубатларини эслаб йиғлаяпман. Ундан ташқари, фиръавн бошқарганда ўлган мисрликлар ҳам ёдимга тушиб кетди. — Бутун Миср жабр кўрди, чунки фиръавн юрагини тош қилиб олди, — деди Оминадов. — У ўз халқига нисбатан ҳам, Исроил халқига ҳам бешафқат эди. — Баъзи бир мисрликлар бизлар билан кетишди, — деди Нахшон. Оминадовнинг кўзлари чақнади. — Уларнинг ҳаммаси саҳрода ўлиб кетди, чунки улар ўзларининг бутларига сиғинишни бас қилмадилар, — деди у Салмонга қараб. — Улар бизнинг одамларимизни ҳам йўлдан уриб, Худонинг йўлидан қайтардилар! Салмоннинг ёноқлари қизариб кетди. Ҳамма Раҳоба тўғрисида эшитган эди. — Ўзимизнинг юрагимиз ўзимизни Худодан узоқлаштиради, — деди у секингина. — Эгамиз шундай дейди: «Қулоқ сол, эй Исроил: Эганг — Худоингдир, Эганг — танҳодир; Эгангни сев, Ўз Худоингни бутун қалбинг билан, кучинг борича, бутунг онгинг билан сев. Бугун Мен сенга айтаётган сўзларим сенинг юрагингда бўлсин». — Мен Қонунни биламан. — Раҳоба Қонуннинг икир-чикирларини билмайди, аммо у Қонуннинг моҳиятини тушунади. У тавба қилди, Худони ўзининг ҳаётида биринчи ўринга қўяди. — Ким? — деб сўради болакай, аммо ҳеч ким жавоб бермади. Оминадов собит эди. — Бизнинг орамизда бегоналар бўлмаслиги керак. Улар ўзлари билан бошқа худоларни ҳам олиб келадилар. Улар мусибат келтирадилар! — Мен розиман, — деди секингина Салмон. — Мусофирлар бизга мусибат келтиради. Улар ўз ёлғончи бутларидан воз кечиб, Эгамизга бутун юраклари, ақл ва кучлари билан итоат этсалар, мусофирликдан чиқадилар. Оминадовнинг кўзлари яна чақнаб кетди. — Уларнинг қанчалик самимий эканлигини сен қаердан биласан? Қандай қилиб бошқа худоларга сиғинган фоҳиша аёлга сен ишонасан? Кўнглини хушлаган эркаклар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. — Ким у? — деб сўради яна бир бола. — Бизнинг ота-оналаримиз олтин бузоққа сажда қилиб, йўлдан адашганлари сингарими? — сўради Салмон қайнаб чиқаётган ғаза-бини жиловлаб. — Ўзимизнинг заифлигимизни осонгина эсдан чиқариб, Худо зоҳир бўлмаган, марҳамат қилмаган халқдан камчилик қидирасанми? Оминадов тиззасидан жиянини тушириб ўрнидан турди. — Бу аёлни ва унинг қариндошларини қутқараман деб, сен бизнинг ҳаётимизни хавф остига қўйяпсан! Болалар қўрқув билан, кўзларини олазарак қилиб атрофга боқдилар. Салмон уларга қаради, сўнг унинг нигоҳи катта акасига қадалди. — Худо бизга Ерихони берди. Билмадим, қандай йўл билан буни У амалга оширади, лекин барибир Ерихони бизнинг қўлимизга топширади. Агар Раҳоба ўз оиласи билан содир бўлажак воқеаларда омон қоладиган бўлса, бу ўлим бизни четлаб ўтгани сингари, уларни ҳам четлаб ўтади. Деразадан қизил арқон осилиб турибди… — Қизил — бу фоҳишаларнинг севимли ранги, — деди киноя билан Нахшон. Салмоннинг оила аъзолари ҳар томонлама унга қарши чиқишларига қарамай, у бўш келмасди. — Қизил — бу қон ранги, Фисиҳ қўзисининг қони ранги. — Салмон, сен ҳақиқатдан ҳам Раҳобага ишонасанми? — Майли, Лиё таъсирчан саволларини бера қолсин, — деб қўшиб қўйди Оминадов заҳархандалик билан синглисининг секингина берган саволини эшитиб. Салмон яна Оминадовга қаради. — Бу аёлнинг юраги Эгамизга тегишли эканлигига ишончим комил. Мусонинг опаси Мирям каби унинг ишончи қатъийлигини ўзи эълон қилди. Ерихонинг минглаб аҳолиси орасидан Худо бизнинг эътиборимизни айнан Раҳобага қаратгани сизларни ҳайратга солмайдими?! Агарда Эгамиз Раҳобани қутқармоқчи бўлмаганда, бундай йўл тутиш Эгамизга нимага керак эди? Салмон болаларга юзланди. — Эгамиз бизни бунга лойиқ бўлганимиз учун қутқармади. Бизнинг ота-боболаримиз Худодан юз ўгирганларини эслаб кўринглар! Улар Худо юборган ўнта жазосининг гувоҳи бўлишган; улар Қизил денгиз иккига ажралганини кўришган. Лекин барибир, охиригача ўзларининг ишончи мустаҳкам эканлигини исботлай олмадилар. Баъзилари эса, Худодан тамомила юз ўгириб, Мўабликларнинг бутларига сиғина бошладилар. Йўқ, биз муносиб эмасмиз! Эгамизнинг Ўзи ҳақ. Ҳеч ким Эгамиздан ташқари мақтовга лойиқ эмас. — Барибир, бизни Худо қутқарди, — деди ишонч билан Оминадов. Салмон ўрнидан туриб, бошқаларга қаради. — Ҳа, Худо бизни қутқарди. Эгамиз бизга Ўзининг юксак марҳаматини кўрсатди. Бизни Мисрдан тортиб олиб чиққани сингари, У Раҳобани ҳам Ериходан олиб чиқади. Шу кеча Эгамиз Худо бизни қутқарганлигини эслашимиз керак. Эгамиз бизни Ўзининг халқи деб танлади. Бизнинг қутқарилишимиз ўзимизнинг кимлигимизга эмас, Унинг Кимлигига боғлиқ. — Раҳоба ким ўзи? — деб ҳамон қизиқишарди болалар. — Бунинг аҳамияти йўқ, азизларим, — юмшоққина қилиб жавоб берди аёллардан бири. — Ерихолик бир аморий аёл-да, — деди Нахшон. Салмон нафратини яширди. — Раҳоба — юксак имонли аёл. Ерихо шоҳи бизни аскарларига тутиб олиб келишни буюрганда, у мен билан Эфрайимни яширган. Эгамиз бизга шаҳарни берганлигини Раҳоба айтган, — деб кулди у сингилларига ва болаларга қараб. — Ҳадемай, сизлар у билан танишиб оласизлар. — Ҳамма нарса Худонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ, — деди Оминадов. * * * Раҳоба Ерихо текисликларига, юлдузли тунда ёниб турган минглаб машъалаларга қараб турарди. Йўаб келиб унинг ёнига турди. — Бу қандай овозлар? — Қўшиқ. — Улар худди ғалаба қозонгандай, хурсанд бўлишяпти. Ҳа, улар ғолиб бўлдилар. Худо улар билан бирга, ҳадемай Раҳоба бутун қариндош-уруғлари билан уларга қўшилади, ер ва осмоннинг Худосига тегишли бўлади. — Сен нима деб ўйлайсан, улар нимани кутишяпти экан? — Билмадим. Балки уларнинг Худоси кутиб туришни буюргандир. — Нимага? — Укажон, нимагалигини мен айтолмайман. Мен ҳам сен каби бехабарман. — Балки бизнинг деворларимизнинг баландлигини ва мустаҳкамлигини кўриб, улар фикриларидан қайтишгандир, — ёстиқларга ёнбошлаб ўтирган Мизрайимнинг овози хона ичкарисидан эшитилди. — Бошқа аморий шаҳарларини нима қилган бўлсалар, Ерихони ҳам шундай қилишади, — деди Раҳоба. — Бу ерга келганлар бизни қутаришади. — Қорним очиб кетди, — деб ҳиқиллади Босим. Раҳоба кулиб, дераза олдидаги супадан тушди. — Мен нон пишириб бераман. Раҳоба печкадаги кўмирнинг устига ўтин солди, сўнг печканинг устига темирдан това қўйди. Эрталаб опаси билан ун тортган эдилар. Раҳоба ўша унни тоғорага солиб, сув қуйди, ҳар хил зираворлар қўшиб хамир қорди. — Раҳоба, ҳаммаси сен айтгандай бўлишига ишонаман, — деди Мизрайим. — Биз омон қолишимизга ишонаман. — Худо уларнинг берган ваъдаларини бажаришга мажбур қилади. Раҳоба хамирнинг бир қисмини юпқа қилиб ёйди. Кейин юпқа қилиб ёйилган нонни қизиб турган това устига қўйди. Нондан буғ чиқиб, пиша бошлади. Аёл айри чўп билан икки-уч жойини тешди, кейин усталик билан нонни ағдарди. Уйни янги пишган нон ҳиди тутиб кетди. — Абиб нон пишишини сабрсизлик билан кутиб, тинмасдан Раҳобанинг ёнида ўрмалашарди. — Ҳадемай нон пишади, болакай. Дадангга илтимос қил, идишларга май қуйсин. Биринчи нон пишгунча, Раҳоба иккинчисини тайёрлади. Биринчи нонни олиб у совиши учун устига сочиқ ёпди ва учинчисини ясашга тушди. Отаси бир тишлам нон синдириб катта ўғлига узатди. Олдин эркаклар, сўнг болалар нон ейишди. Раҳоба катта нонни опаларига деб тўртга бўлди. Сопол тоғорада битта нонга яраша хамир қолди. Мизрайим отасига яна шароб қуйди. — Балки, улар бизни сувга ёки емакка чиқишимизни кутишаётгандир. — Шаҳарни олиш учун уларга ойлар керак бўлади, — деди Йўаб. — Балки, улар қандай қилиб шаҳарга киришни ўйлашаётгандир: деворларни бузишними ёки дарвозаларни ёндиришними? — Улар шаҳарга яқин ҳам келолмайдилар. Шоҳнинг камончилари деворларда ҳушёр турибдилар. — Сизлар ҳали ҳам тушунмаяпсизлар, — деди Раҳоба. — Нима, Худо Унга итоат этганларнинг жонини хавф остида қолдирадими?! Исроил Худоси Канъоннинг худоларига ўхшаган эмас. У Ўзининг халқини омон сақлайди. У қон тўкилишини истамайди. Сизлар бекорга хавотирланяпсизлар. Мизрайим Раҳобанинг гапларига эътибор бермади. — Жанг бошланганда, исроилликлар эсанкираб саросимага тушадилар. — Укагинам, саросимага шаҳардагилар тушади, — қизишди Раҳоба. — У ерда хавотирлик йўқ. Улар тинч. Худо исроилликларни жангга тайёрлаяпти. — Нимага сен ҳадеб уларнинг Худоси ҳақида гапираверасан? — деб бақирди онаси. — Қутулишнинг бошқача йўли ҳам бўлиш керак-ку, — деди Йўаб. — Балки шаҳарни ҳали жанг бошланмасдан олдин ташлаб кетишга уриниб кўрсакмикан? — Бизга айтилганидай, кутишимиз керак, — деди қатъийлик билан Раҳоба. — Агар биз ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилмоқчи бўлсак, шаҳарнинг қолган аҳолиси каби ўлиб кетамиз. Йўқ, биз Худонинг одамларига ишонайлик. Улар деразадан осилиб турган қизил арқон-ни кўриб, берган ваъдалари эсларига тушади. Бу уйда биз бехавотирмиз. Раҳоба нонидан бир тишлам синдириб, шаробга ботирди ва оғзига солди. Барибир, укалари тинчланмай, вайсаб шикоят қилишни давом эттирдилар. Нега одамлар учун ҳаракатсиз ўтириш қийин кечади? Раҳоба итоаткор бўлишга уринди. У раҳмдил бўлишга интиларди. Ота ва ўғиллар бу уйда узоқ вақт куну тунларни биргаликда ўтказишди. Улар бир-бирларининг жонларига ҳам тегиб кетишди. Аёллар-нинг аҳволи эркакларникидан яхши эмас эди. Ҳар хил миш-мишлар уларни безовталантирарди. Раҳоба қариндош-уруғларини қанчалар яхши кўрмасин, шунчалар бу мусибатларни бошдан кечириш у учун оғир бўларди. Раҳоба унга берилган ваъда ҳақида қанчалар гапириб уларга далда бермасин, барибир, охиригача улар ишонмасдилар. Ит оғзидаги суягини бермагани сингари, қариндошлари ўзларининг келажаги ҳақида безовталанишни бас қилмасдилар. — Келинглар, нонни охиригача еб, кейин ухлайлик, — деди Раҳоба. — Эрталаб ҳамма нарса ўз жойига тушади. У тинчлик ва осойишталикни хоҳларди. Ҳамма ётиб тинчиганда, Раҳоба дераза олдига келди. У енгилгина нафас олди, кафтлари билан иягига тиралиб исроилликлар қароргоҳини кўздан кечирди. Тун шунчалар сокинки, худди ҳамма нарса, Исроил қачон урушни бошлайди, дегандай сукут сақлаб кутарди. У деразадан осилиб турган катта йўғон қизил арқонни силади. Ўрнига ётгунига қадар бир қанча вақт ўтди. Йиғлаб юбормаслик учун ётиб, қўллари билан юзини беркитди. Эй, ер ва осмоннинг Худоси, кел! Илтимос қиламан, кел! Дарвозаларни бузиб, шаҳарни қўлга ол! Бизни дард-аламдан қутқариш учун олдимизга Ўз одамларингни жўнат! Эй, ҳамма нарсани яратгувчи Худо! Мен Сенинг марҳаматингни сўрайман. Халос бўлиш куни тезроқ келсин! Жанг тугагач, Раҳоба яҳудийларнинг бири бўлишига улар имкон беришармикан? Эфрайим унга дўстона муносабатда бўлмади, очиқдан-очиқ унинг ҳаёт тарзини қоралади. Агар Раҳобанинг келажаги Эфрайимга ўхшаган одамнинг қўлида бўлса-чи, у нимадан умидвор бўлсин? У берган ваъдасининг устидан чиқиб, оиласини қутқаради, шу билан унинг вазифаси тугайди. Раҳоба эса кўп нарсани кутарди. Кўп нарсани талаб қилишга унинг ҳақи бормикан? Ёлвормоқми? Бундай ўй-хаёллардан у ақлдан озиб қолай дерди. У нима қилиши керак? Фақат кутиш… Худо Ўзига эргашувчилардан кўра марҳаматлироқдир. Эрталаб, ҳар доимгидай, Раҳоба ҳаммадан олдин турди, исроилликларнинг юриши бошланган ёки бошланмаганлигини кўрмоқчи бўлди. Мизрайим ва Бейсматнинг устидан сакрамай айланиб ўтди. Ҳали юлдузлар осмонда кўриниб турар, фақатгина ингичка нур уфқда янги кун бошланганлигидан дарак берарди. Шаҳар деворларидан камон ўқи етадиган узоқликда турган мўйсафидга Раҳоба қўрқиб-писиб қаради. У деворларга синчковлик билан тикиларди. Жанг кийимини кийиб олган, бир ўзи, ҳеч нимадан ва ҳеч кимдан қўрқмай турган бу киши ким бўлиши мумкин? Балки деворларнинг заиф жойини топиш учун тикилиб тургандир? Кўринишидан у тиришқоқ, масъулиятли йўлбошчига ўхшарди. Балки у душманнинг мудофаасини ўрганаётгандир? Албатта, агар Исроил лашкарбошиси бўлса, унда унинг шахсий қўриқчилари ҳам бўлса керак. Раҳоба бўйнини чўзиб, бу одамнинг қўриқчиларини кўрмоқчи бўлди, лекин ҳеч ким йўқ экан. Аёл яна бир бор бу одамга қараганда, унинг олдида қиличини яланғочлаган бир соқчи турарди. У қаердан пайдо бўлди? Раҳоба унинг яқинлашиб келганини ҳам пайқамабди. Мўйсафид тезлик билан жангчининг олдига келди, унинг ҳаракатида тоқатсизлик ва даъват сезиларди. У Ерихо деворларига шунчалик яқин турган эдики, ҳатто гапираётганда лабларининг қимирлаши ҳам сезиларди. Мўйсафид жангчининг қаршисида тиз чўқди, кейин мук тушди. Буни кўрган Раҳобанинг юраги титраб кетди. Шундан сўнг у фақат оёқ кийимини ечиш учун турди. Раҳобанинг бутун вужуди қалтирарди. Мўйсафид қаршисида турган бу одам ким экан? Нега ёши катта одам кичикка эгилиб таъзим қилди. Мизрайим уйқусираб нимадир деб, бошқа ёнбошига ағдарилди. Раҳоба чўчиб, унга қаради. — Мизрайим, — деб чақирди у секингина. — Тур! Тезроқ! Қара, девор ортида нима бўляпти! Раҳоба деразага қараганда жангчи йўқ эди. Мўйсафид орқага — қароргоҳ томонга бошини баланд кўтариб, қаддини ростлаб кетаётган эди. Раҳоба бутун бадани титраётганини сезди. — У ерда нима бўляпти? — деб сўради уйқусираб Мизрайим. Опасининг ёнига келиб деразага қаради. Эндигина кўтарилаётган қуёш Ерихо текислиги узра нур сочарди. Раҳоба иложи борича деразадан эгилиб қаради. Жангчи ҳеч қаерда кўринмади. Бирданига уни қувонч қамраб олди. — Мизрайим, биз кутган кун етиб келди. Худо Ўз халқини бизнинг юртимизга олиб киряпти! Олтинчи боб — Лашкарларнинг бош қўмондони Сарвари Олам менга Ўзининг амрини берди, — деб Ёшуа Исроил лашкарининг барчасига юзланди. У руҳонийларни ёнига тўплаб, улар томон қўлларини кўтарди ва шундай деди. — Аҳд сандиғини олинглар, етти руҳонийни сандиқ олдида бориш учун сайланглар. Ҳар бирининг қўлида қўй шохидан ясалган бурғу бўлсин. — Кейинги гапларини Исроил қўшинларига қарата айтди. — Шаҳарни қуршаб айланасига юриш қилинглар, қўлида қуроли борлар Эгамизнинг Аҳд сандиғига йўл очиб юрсин. Атрофдаги бошқа одамлар каби, Салмон ҳам ҳаяжонланарди. Улар овозларини пасайтириб, бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашишарди. Аскарлар учун ер тўлалар керак эмасмикан? Наҳотки, ер истеҳкомлари қурилмаса? Деворларни бузадиган қуролларсиз қандай қилиб улар Ерихога кира олишади? Ёшуа қўлларини кўтарди, ҳамма жим бўлиб қолди. — Энди жим бўлинглар! Мен сизларга рухсат берганимдан кейин гапирасизлар. Ҳамма гапирмай жим туришга сўз берди. Қабилалар қатор бўлиб саф тортди. Юзбошилар амрни яна бир бор ўқиб эшиттирди. Орага бироз жимлик тушди, сўнгра кўп сонли жангчилар Эгамизнинг амрига итоат этиб олдинга юриш бошлади. Жимликни бузаётган ягона овоз — бу бурғулар садоси остида бир текисда кетаётган аскарларнинг оёқ товуши эди. * * * Раҳоба минора устида турган шоҳ қўриқчиларининг овозини эшитди: «Улар келишяпти! Исроилликлар яқинлашишяпти!» Томда оёқ товушлари эшитилди, аскарлар девор ёнида ўз жойларини эгаллашди. Мизрайим дераза олдига югуриб келди. — Биз нима қилайлик? Бизнинг қизил арқонимиз осилиб турибди! Энди нима қилсак экан…? — Биз кутамиз, — деди Раҳоба хотиржамлик билан, у Ерихо текисликларида келаётган Исроил лашкарига тикилди. Улар тўғридан-тўғри шаҳарга бостириб келишаётган эдилар. Узоқда бурғулар садоси эшитиларди, минглаб келаётган оёқ товушлари Раҳобанинг юраги тез-тез уришига сабабчи бўлди. Лашкар саф тортиб яқинлашиб келарди. Улар яқинлашиб қолди, яна ҳам яқин келди. Аёл ер ларзага келаётганини ҳис этиб турарди. Ёки Эгамизнинг буюк ва қўрқинчли куни келганидан аёлнинг ўзи титраяптимикан? У бурғу ушлаган руҳонийларни, Эгамизнинг Аҳд сандиғини ва шахдам қадам ташлаб Раҳобага яқинлашиб келаётган аскарларни кўриб турарди. — Бу уларнинг Худосими? — деб сўради ёнида турган Мизрайим. — Бу Ўшами? Раҳоба ҳеч қачон бундай ажойиб мўъжизани кўрмаган эди. Бу нарсанинг икки томондан бир-бирига қараб турган ғайритабиий қанотли мавжудотлари бор эди. — Ер ва осмонни яратган Худони ҳеч қандай қутига жойлаштириб бўлмайди. — Унда улар кўтариб келаётган нарса нима? — Менинг эшитишимча, бу — Худонинг Аҳд сандиғи. Уларнинг йўлбошчиси Мусо Синай тоғига чиққанда, Худо Ўз қўли билан тошларга қонунларни битиб берган. Улар шу қонунларни олиб келишаётган бўлса керак. — Агар Аҳд сандиғи олиб қўйилса, унинг куч-қудрати бошқаларга ўтиши мумкинми? Укасининг нима мақсадда буни сўраганини ва унинг ўй-фикри нималарга олиб келишини Раҳоба яхши биларди. — Худо Исроил халқини Ўзиники деб танлади, У халққа қонун-лар берди. Нимагалигини мен билмайман. Лекин Унинг куч-қудратини сўз билан ифодалаш қийин. Мисрга ўнта жазони одамлар амалга оширганми, ё улар Қизил денгизни иккига бўла олгани қодир бўлганми?! Иордан дарёсини гилам сингари одамлар ағдариб ташлай олдими?! Булар Эгамизнинг куч-қудрати билан бўлди. Эгамиз — бу … Раҳоба ифодалашга сўз тополмай қўлини силтади. — Эгамиз — бу Худодир! — Уларнинг девор бузадиган бирорта қуроллари йўқ-ку! — деди Йўаб опасининг орқасидан кўчага қарар экан. — Қамал иншоотлари ҳам йўқ, — қўшиб қўйди отаси деразага яқинлашгач. Эркаклар яқинлашиб келаётган лашкарни кўриш ниятида, дераза ёнида турган Раҳобани бир четга суришди. Улар исроилликларга имонсизлар кўзи билан қарашарди. — Улар қандай қилиб дарвозаларни бузиб шаҳарга киришар экан? — деб сўради Мизрайим. — Улар ҳадемай деворларга хужум қилишади, — ғамгин деди ота. — Улар яқинлашиб қолдилар. — Шундай яқин келишдики, девор устида турган шоҳ аскарлари уларни камон ўқлари билан қириб ташлашади, — деди Йўаб. Биринчи қатордаги исроилликлар бурилиб, девор ёқалаб юришни давом эттирдилар. — Улар нима қилишяпти ўзи? — сўради Мизрайим. — Балки, бошқа томондан хужум уюштиришмоқчи, шекилли, — деди хўмрайиб ота. Эрта саҳардан Раҳобанинг оила аъзолари лашкарнинг дераза тагидан ўтганини кузатишди. Аҳд сандиғи яна бир бор кўринганда, Раҳоба кўзларини юмиб ҳурмат билан бошини эгди. Бу пайтда лашкарнинг охирги қатори Ерихони айланиб ўтаётган эди. «Улар кетишяпти! Исроилликлар кетишяпти!» — деб бақирган овозлар Ерихо узра эшитилди. Айни шу пайтда Исроил қўшинлари орқага — Ерихо текисликлари томон йўл олаётган эди. Чекинаётган лашкар тўғрисида турли ҳақоратларни эшитган Раҳоба юзини буриштирди. Мана шу ҳақоратланган одамлар ҳадемай девор устида турганларни мағлуб қилиб, ғалаба қозонишларини наҳотки улар тушунмайдилар?! Айниқса, Исроил Худосининг калака қилишаётганини эшитган Раҳоба қулоқларига пахта тиқиб олгиси келди. Аёл ўз халқидан, уларнинг ўзбошимчалигидан ва қудратли Худони менсишмаганидан уятга ботди. Қанийди, унинг халқининг озгина ақли бўлсайди, исроилликларга совға-салом билан элчиларни юборишган бўларди! Шоҳнинг ўзи чиқиб, Исроил Худосига имон келтираман, деб қасам ичса бўларди! Бунинг ўрнига ушбу нодон, қаҳри қаттиқ одамлар шаҳар дарвозаларини беркитиб, шаҳарни қабристонга айлантиришди! — Улар бизларни ташлаб кетди-я! — ажабланди Мизрайим. — Исроилликлар кетишяпти! — деб Раҳобага қаради у. Ғазабдан уканинг юзлари қизариб кетган эди. — Сен нима деб ўйлайсан, энди биз нима қиламиз? — Сен янглишдинг, Раҳоба! — деб бақирди Йўаб ва умидсизликка тушиб бутун қахрини сочди. — Бизнинг деворларимиз ҳақиқатдан ҳам баланд ва мустаҳкам экан! Деворларимиз бизни ҳимоя қилди! — Агар шоҳ айғоқчиларни беркитиб, соқчиларни алдаганингни билиб қолса, сенинг хоинлигингдан биз ҳаммамиз ҳалок бўламиз! — деб қўшиб қўйди Мизрайим. — Фақат ўзимиздан бирортаси шоҳга хабар етказсагина билиши мумкин, — деди ота. Энди у шоҳдан чўчирди. — Ҳаммаларинг менга қулоқ солинглар. Опаларингнинг бу иши тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмайсизлар! Чунки Раҳоба сизларнинг ҳаётингизни сақлаб қоламан, деб ўйлаган! Гера қўлига болаларидан бирини олди. — Бизлар кун бўйи беркиниб ўтирибмиз, нима учун?! Раҳоба ўзи ҳам умидсизликка тушганини билинтирмади. Бу кунни у: «Бизнинг қутқарилиш кунимиз бўлади», деб истаганди. Аммо буни Худо хоҳламади, шекилли. Унинг фақат бир нарсага ишончи комил эди. — Бу деворлар уларга дош беролмайди. — Сен уларни бугун келишади деган эдинг! — Бейсимат, ахир улар бугун келишди-ку, — деди босиққина қилиб Раҳоба. — Улар эртага қайтиб келишларига мен ишонаман, — деб қўл силтади у. — Нега бундай деб мендан сўраманглар. Мен билмайман. Мен Худоманми? Мен фақат тахмин қиляпман. Қаерданам бу ўжар, итоатсиз одамларнинг ташвишини қилдим-а? — Нимани тахмин қиляпсан? — сўради она. Раҳоба онасини тинчлантириш мақсадида унга қаради. Она олдин кетаётган лашкарнинг оёқ товушларини эшитиб йиғлаган эди. Энди бўлса, фарзандларининг бир-бирига гап қайтарганидан йиғларди. — Мисрда, Қизил денгизда, яқиндагина Иордан дарёсида бўлганидай, бу ерда ҳам мўъжиза юз беришига ишонаман. Онажон, мен мўъжиза рўй беришига жуда қаттиқ ишонаман! — деб қолганларга қаради Раҳоба. — Менинг ишончим комил. Мен ўз ҳаётимни Исроил Худосига топширмадимми? — Бизнинг ҳаётимизни ҳам, — хомуш қўшиб қўйди Мизрайим. Нега энди унинг оила аъзолари Худонинг қудратини Раҳоба каби кўришмаяпти? Наҳот уларнинг кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлса? — Ҳа, тўғри, мен сизларнинг ҳаётингизни ҳам Унга топширгандим. Мен буни тан оламан. Лекин, ҳали кеч эмас — сизлар бошқа йўлни танлашингиз мумкин. Бу уйдан ташқарида қолганлар каби Барҳаёт Худога эмас, деворларнинг мустаҳкамлигига ишониб ўтиришингиз мумкин. Менга келсак, мен Худонинг кароматларини кутаман, Унинг мўъжизаларини кўраман. Мен шу ерда қоламан. Агарда биз шу уйда қолсаккина, улар бизларни қутқаришни ваъда қилишган. — Лекин, Раҳоба, — қарши чиқди Йўаб, — уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Уларда деворларни бузиш учун ҳам қуроллари йўқ! Одамзод бунчалар тез ҳамма нарсани унутади-я! У қўлларини қўтарди. — Дарёдан ўтиш учун уларга қайиқлар керак бўлдими?! — деди Раҳоба. Ўзини зўрға қўлга олиб, сўнг давом этди. — Азизларим, фақат сабр қилинглар. Бетоқат бўлманглар. Ишончларинг қатъий бўлсин! Ҳадемай Худо — бу шаҳарни ва атрофдаги ҳамма ернинг ҳукмдори эканлигини кўрасизлар, билиб оласизлар. Бутун дунё Унга қарашли. Агар У Ерихони олмоқчи бўлган бўлса, бу шаҳарда ҳеч ким Уни тўхтата олмайди. — Мен сенга ишонаман, — деди Абиб. Раҳоба кулиб, болакайни қўлига олди. — Майли, қолганлар ҳам сенчалик доно бўлсин, жонгинам. У болани бағрига босганча содир бўлаётган ходисаларни кузатгани яна дераза олдига келди. * * * Ўта чарчаган Салмон чодирига қайтди. Албатта, бир неча чақирим йўл уни бунчалик ҳолдан тойдирмаслиги керак эди. У тиз чўкиб, мук тушган ҳолда жимгина ибодат қиларди. Бугун жанг қилишмаганига Худога шукроналар айтди. Салмон қилич кўтариб жанг қила олишига иккиланарди. Ухлашга ётар экан, у ижирғанди. Суннат қилинган жойи ҳали битиб тузалмаган эди. Ёки Фисиҳ байрами кунлари у чарчадимикан? Қароргоҳда сукунат ҳукм сурарди. Салмон қўлларини бошининг остига қўйиб ўриндиққа чўзилди, фикри-хаёли Раҳобага кетди. Салмон ҳозир Раҳоба нима қилаётганини билишни хоҳлади. Қариндош-уруғлари унинг уйига келиб, ўша ерда қолишларига Раҳоба уларни кўндира олдимикан? Икки эркакни деразасидан тушираётганини бирортаси сезиб қолган бўлса-чи? Унда шоҳ уни қатл этгандир. Қўрқувдан Салмон қотиб қолди, лекин бир оздан кейин ўзини қўлга олди. Худога нафақат ишончини билдирган, балки бу ишончни исботлаган аёлни Эгамизнинг Ўзи асрайди. Раҳоба уятсизларча деразадан эгилиб уларни уйига чорлаганда, Салмон унинг чиройидан ҳайратда қолган эди. Лекин бу ҳолатни Раҳобанинг жасурлиги ва ишончининг қатъийлиги, ўзининг ҳаётини хавф остига қўйиб Эфрайим ва Салмонни қутқаргани билан ҳеч таққослаб бўлмасди. Ишонч ва мардлик! Раҳоба ҳақида ўйлашни бас қилиш керак. Атрофдаги сукунат унинг қулоғини шанғиллатгудай бўлиб юрак-бағрини эзарди. Одамларнинг норозилигига ва сафсатабозлигига чек қўйишнинг ягона йўли — бу гапирмасликка мажбурлаш. Бундан-да яхшироқ усули бўлганмикан? Эгамиз Ўз халқининг ожизлигини билади. Одамларнинг шубҳаланишлари, буйруққа бўйсунмай қарши чиқишлари табиий ҳолга ўхшайди. Шубҳа гумонлар ҳали Ёшуа амрларни охиригача айтиб улгурмасидан олдин бошланган. Салмоннинг отаси билан онаси саҳрода вафот этганлар, чунки уларнинг авлоди Худога итоат қилмай қўйган эди. Ёшуа эса доноларча иш тутди. У одамларни сукут сақлашга мажбур қилди. Одамлар дарров сабрсизлик қилиб, Ерихо ерларини ўз кучимиз билан босиб оламиз, деган ҳато хулоса чиқаришлари мумкин эди. Қачонлардир бундай мудҳиш ҳатога йўл қўйишган ҳам. Эй Эгамиз! Бундай ҳайбатли деворларни кўриб титраб кетяпман. Бизлар бу муртад шаҳар билан жанг қилиш учун ҳужум уюштириб, дарвозаларини бузганимизда қанчадан-қанча одамларимиз қурбон бўлиши мумкин? Девор устида турган аскарларга биз осонгина нишонга айланамиз. Раҳобага берган ваъдамни бажармай ўлиб кетавераманми? Чарчаган Салмон кўзларини юмиб, уйқуга кета бошлади. Ҳали ҳам қулоғи остида қўшиннинг оёқ товушлари янграрди. Соат сайин вақт, чақирим сайин масофа ортда қолаётган эди. Ерихони тарк этишаётганда эса, у канъонликларнинг масхара қилишларини эшитди, уларнинг ҳақоратларидан азобланди. Лекин у тишини тишига қўйиб орқага — Гилгалга юришда давом этди. Парвардигор, Сенинг сирли амрларингда қандай мақсад бор? Бизни итоат қилдиришми? Ёки сен бизни сабр билан кутишга ўргат-япсанми? Сенинг ҳаракатларингни кутишними? Бизнинг ғалабамиз ёки мағлуб бўлишимиз ўзимизнинг ҳаракатимизга эмас, Сенинг кучингга боғлиқ. Бизнинг бағритош юракларимизга Сен шуни ўргатиб етказмоқчимисан? Жавоб йўқ эди. Салмон тонг саҳарда туриб, Яҳудо қабиласи аскарларига қўшилди. Бу уруғ бошқа уруғлар орасида ўз жойини эгаллаб турарди. Ёшуа бугун бажариладиган амрларни айтди, қабила бошлиқлари ўз одамларига бу амрларни яна бир бор етказдилар. Рувим, Гад ва Манаше қабиласининг қуролланган жангчилари олдинги қаторда Ерихо текисликларидан юришни бошладилар; улардан кейин хужумга тайёр бўлиб бошқа қабила аскарлари, бурғу чаладиган руҳонийлар ва Аҳд сандиғини кўтариб кетаётган руҳонийлар боришарди. Улар Ерихо ерларини бир айланиб чиқиб, худди олдинги кундагидай, Гилгалга қайтишди. Учинчи куни ҳам, тўртинчи куни ҳам буйруқ ўшандай — олдингидай бўлди. Ҳар куни девор устида турган одамлар уларнинг устидан ҳақоратли гаплар айтиб кулишар, канъонликлар Худони таҳқирлаб ҳақорат қилишарди. Ҳар сафар шаҳарни айланиб ўтаётганларида, Салмон қалъа деворларига қарарди. У ерда Раҳобанинг деразасидан осилиб турган қизил арқонга кўзи тушарди. Икки маротаба деразадан кимнидир кўрди, лекин у одам деразага яқин келмагани учун Сал-мон Раҳобами ёки бирор бир қариндошими — билолмади. Осилиб турган қизил арқон Раҳобанинг иши жойидалигидан дарак бериб ту-рарди. Эй, Худойим, жанг бошланганда, уни Ўз паноҳингда асрагин. Шаҳар атрофида бошларини баланд кўтариб, қаддиларини ростлаб юрган Исроил жангчиларининг юрагида ғазаб қайнаётганини Салмон биларди. Унинг юраги ёнарди. Халқ буйруқларни кўтаринки руҳда бажарарди. Жангчилар ҳамон чурқ этмасдан, жим юришарди. Улар оёқларини кўтариб, шаҳдам қадамлар ташлаб, Худо мукофотлайдиган кунни кутишарди. Шундай кун келганда, улар қиличларини яланғочлайдилар. Бешинчи куни Салмон ўзини куч-ғайратга тўлган ҳис қилди. Ис-роил лашкари дам олиб, бутунлай соғайиб жангда Эгамизни таҳқирлаганларни йўқ қилишга шай бўлди. * * * — Уларнинг қадам товушларини мен ҳали ҳам эшитяпман, — деди Бейсмат Исроил жангчилари олтинчи марта шаҳарни айланиб бўлиб узоқлашаётганда. — Бу товушлардан бошим гангиб кетяпти. Минглаб одамлар депсиниб юрибдиларми дейман. — Бугун кечагидан ҳам қадам товушлари баландроқ, — деди Гера. — Ҳар сафар исроилликлар шаҳарни айланишганда, ер яна ҳам қаттиқроқ ларзага келяпти. Сезяпсизларми? — деб сўради Зебах. — Ёки менга шундай туюляптими? Мизрайим қўлини жавоннинг устидаги чангдан юргизганини, бу чанг исроилликлар шаҳарни айланиб чиқмасларидан олдин йўқлигини Раҳоба кўриб-билиб турарди. Мизрайим бармоқларини бир-бирига ишқалаб, қўлини қоқди. Қовоғини солиб уйнинг томи ва деворларига қаради. — Эшик олдидаги деворда ёриқ пайдо бўлибди. У Раҳобага қаради. Опаси жилмайди. — Балки эртага халос бўлиш куни келар, Мизрайим. Балки биз эртага озод бўлармиз, атрофимиздаги деворлар бузиб ташланар. Ҳаттоки ёриқ девор ҳам бошқача фикрлаётгандай эди. * * * Еттинчи куни эрталаб Худо тайинлаган дам олиш куни буйруқлар ўзгарди. Салмон энтикиб нафас оларди. У бақирмай, ғолиб сингари ҳурсандлигидан қўлларини тепага кўтармай, бор иродасини тўплаб хотиржам туришга ҳаракат қиларди. У кўплаб биродарлари каби хо-тиржамликни сақлашга уринаётган бир пайтда, юраги жанг қилаётгандай дуккиларди. Бугун жанг бошланади. Бугун у шаҳарга йўл очиб, Раҳоба ва унинг оиласини ўлим чангалидан қутқариб, уларни бехавотир жойга олиб келади. Чунки бугун Ерихо қулайди! Еттинчи боб — Улар бугун кетишмаяпти, — деди дераза олдида турган Мизрайим. — Яна бир бор жангчилар шаҳар атрофини айланиб ўтишяпти. Йўаб ўз кўзи билан кўриш учун дераза томон яқинлашди. — Тўғри! Раҳоба ичимлик суви қанча қолганини кўрди. Сув ҳали кўплигидан қониқиш хосил қилиб, косани сувга тўлдирди ва Абибни чақирди. — Биз тайёр туришимиз керак, — деди. Сўнгра латтани идишдаги сувга ботириб, идиш устида сиқди. — Улар бизни олиб кетишга келишганда, кўринишимиз озода бўлиши керак. Раҳоба Абибнинг чанг бўлган юзини ювди. Қулоқларини тозалаётганида Абиб афтини буриштирди. — Улар ҳадемай келишадими? — Биз тайёрланиб, Худо бу кунни танлаган деб ишониб ўтирамиз. — Улар шаҳарга қандай қилиб киришади? — Уларнинг Эгаси — Худо киргизади. Энди боргин-да, ойингга айт: сенга тоза кўйлак кийдириб қўйсин. Босим, олдимга кел, юз- қўлингни ювиб қўяй. Раҳоба ўзига тикилиб турган онаси ва опаларига қаради. Шодлигидан ичига сиғмас эди. — Туринглар! Ювининглар! Сочларингни тараб, энг чиройли либосларингни кийиб олинглар. Биз халоскорларимизни кир, ифлос кийимда, чанг босган юзларимиз билан кутиб оламизми? — деб у кулиб юборди. — Бизлар худди никоҳ тўйга кетаётгандай ясаниб олишимиз керак. Раҳоба сандиғини очиб узоқ йиллар давомида сотиб олган кўйлак-ларини чиқара бошлади. — Бугун бутун Каньон бу қалъа деворлари Эгамиз Худони тўхтата олмаслигига гувоҳ бўлади. Бугун бизнинг халос бўладиган кунимиз! Кимдир тўнғиллади. — Бу гапни сен кеча ҳам айтгансан. — Ўтган куни ҳам, — қўшиб қўйди кимдир. * * * Исроилликлар уч маротаба шаҳарни айланиб чиқишди. Сўнг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи маротаба ҳам айланишди. Салмон ҳар айланишида кучига-куч қўшилаётганини сезарди. Чунки бугун Эгамиз айтган кун, Сарвари Олам бугун Ўзини намоён қилади. Шарқ дарвозаларига яқин деразадан қизил арқон ҳамон осилиб турибди. Салмон еттинчи марта шаҳарни айланаётганда арқондан кўзини узмади. Ёнида дўсти Эфрайим шахдам қадам ташлаб кетарди. Сўнг буйруқ берилди. Ёшуа деди: — Хитоб қилинглар! Эгамиз шаҳарни сизларга берди! Эгамизга қурбонлик тариқасида шаҳар аҳолиси ва ичидаги ҳамма нарсалар йўқ қилинсин! Фақат фоҳиша Раҳоба ва унинг уйидаги қариндош-уруғлари тирик қолиши керак! Чунки у бизлар жўнатган айғоқчиларни уйида шоҳ аскарларидан беркитган. Шаҳар ичидаги ҳамма нарса Эгамизга бағишланиб, сизлар ҳеч бирига яқинлашманг. Яна бирон нарсадан олиб ўзингиз ҳам ҳалок бўлманг. Исроил халқининг қароргоҳига кулфат келтирманг. Олтин, кумуш, бронза ва темирдан ясалган идишлар Эгамизга бағишланган. Улар Эгамизнинг хазинасига келтирилсин. Еттинчи марта айланишаётганда, Салмоннинг юраги янада тезроқ ва қаттиқроқ ура бошлади. Оёқлари юрагини маҳкам ушлаб турар, қадам товушлари эса минг-минглаб қадам товушларига қўшилиб ғарбдаги тоғларда садо берарди. Кейин бутун қўшин шаҳар томонга бурилди. Тантановор бурғуларнинг садоси ҳайбатли, жанговар ҳайқириқлар овозига қўшилиб янгради. * * * Бундай қўрқинчли ҳайқириқдан Раҳобанинг юраги гуп-гуп уриб кетди. У қалъада турган одамларнинг инграшини, шовқин — суронини эшитгач, маҳкам дераза токчасини ушлаб олди, ҳаммаёқ ларзага келди. Опалари ва онаси дод-вой қилишарди, хаттоки отаси, укалари ҳам бақиришарди. — Деворлар! Чанг-тўзон осмонга кўтарилиб, девордаги катта тошлар қулаб пастга тушаверди. Ҳамманинг кўз ўнгида уйлар, дарвоза ўртасидаги баҳайбат деворлар қулаб, девор тошлари шиддат билан йўлларга ёпирилиб думалаб кетаверди. Одамлар девор тепасидан қулаб тушаётган эдилар. Катта-катта тошлар, қалъанинг синиқ бўлаклари уларнинг устига тушиб, тириклайин кўмиб ташларди. Исроилликлар шаҳарга отилиб киришганда, уларнинг қийқириғидан Раҳобанинг вужуди қалтираб кетди. Минглаб аскарлар қиличларини яланғочлаб, баланд кўтарганича Раҳоба томонга келишарди. Йиқилган ярадорлар ўрниларидан туришга ҳаракат қилишарди. Аммо югуриб етиб келган исроилликлар уларни батамом ер билан яксон қилиб ташладилар. Раҳоба дераза ёнидаги супачадан сакраб тушди. — Нарсаларингизни йиғиштиринглар. Халоскорларимиз келишига тайёр туришимиз керак! Бейсмат, тезроқ бўл! Болалар, менинг орқамга туринглар! Исроилликларнинг овози янада баландроқ эшитилганда, Раҳоба олдинга чиқди. Уйнинг ташқи девори ёрилиб кетди, бир қисми пастга тушиб, деворда катта тешик пайдо бўлди. — Тезроқ, ҳаммаларинг менинг орқамга туринглар! — Раҳобанинг овози гумбирлашдан ҳам ўтиб тушди. — Қўрқманглар! Бардам бўлинглар! * * * — Берган ваъдаларингни бажаринглар! — деди Ёшуа Салмон билан Эфрайимга. — Фоҳишанинг уйига кириб, ўзини ва оила аъзоларини шаҳардан олиб чиқинглар! Эгамизнинг рашки Салмонда жўшди, қони қайнаб кетди. Ўч олиш унинг қўлида эди. У ҳайқириб бақирарди. Бу ҳайқириқ етти кун давомида унинг устидан кулганларга, девор тепасидаги аскарларнинг ҳақоратларига жавоб эди. Салмон на чапга, на ўнгга қарар, фақат тўғрига — кўпорилиб тушган дарвозалар томонга борарди. Салмон қиличини кўтариб, Эгамизнинг ўч олаётган қўшинидан қочишга уринган душман аскарни чопиб ташлади. — Бу ёққа! — қўрқиб қочаётган ва қутурган канъонликларнинг шовқинидан қаттиқроқ бақирди Салмон. — Эфрайим, бу ёққа кел! Улар ўнгга қайрилиб, биринчи бор шаҳарга келишганда, Раҳоба уларни бошлаб кетган кўчадан юришди. Минглаб Исроил қўшини бузилган деворлардан Ерихо шаҳрига отилиб кирди. Шоҳ аскарлари ўзларини йўқотиб қўйди, бақир-чақир қилиб таҳликага тушиб қолди. Салмон унга ҳамла қилган аскарнинг қиличини бир уриб учириб юборди. Қиличи билан душманни чопиб ташлади-да, йўлида давом этди. Атрофни ғолиблар қиличидан ўлаётган канъонликларнинг оҳ-воҳи тутиб кетди. — Раҳоба! — деб бақирди Салмон. Бузилган уйлар эгаларини босиб қолган эди. У қаерда экан-а? Раҳобанинг деворидан бир томони қуламабди, қолганлари кўча томонга қулаб тушган. — Раҳоба! — Биз бу ердамиз! Салмоннинг овозини эшитиб, Раҳобанинг юраги дукиллаб кетди. Уйнинг эшиги бузилган деворлар орасида синиб ётарди. Салмон деворнинг ўпирилган жойидан унинг хонасига кириб борди. Хонанинг ўртасида — Раҳоба, чамаси, ўнга яқин одам унинг орқасида писиб туришарди. У ўз оиласини қутқариб қолиш учун қўлларини икки ёққа кериб, уларни тўсиб турибди. Чиройли юзи қўрқувдан оқариб кетган, лекин кўзлари олдингидай чақнаб турарди. Дўстидан кейин хонага Эфрайим югуриб кирди. Раҳоба ҳурмат юзасидан бошини эгиб, уларга салом берди. — Биз сизларни кутиб ўтирибмиз. Салмон қиличини туширди, аёл томон қадам қўйиб, қўлини узатди. — Менинг орқамдан юринглар. Салмон Раҳобанинг қўлларидан ушлади. Раҳобанинг бармоқлари муздай эди. У диққат билан аёлга қаради. Ҳаяжондан унинг бўйни-даги қон томири тез-тез ураётганини сезди. Кўринишидан хотиржамга ўхшарди, лекин аслида ундай эмас эди. — Тинчлан, Раҳоба, хавотирланма. Биз сени бу ердан олиб кетамиз. Салмон Раҳобани эшик ўрнидан етаклаб олиб чиқди. — Агар яшашни хоҳласангизлар, бизнинг кетимиздан юринг-лар! — деб бақирди Эфрайим қолганларга. * * * Келишган йигит ўзини қариндош-уруғларидан ажратиб олиб, қўлидан етаклаб олиб кетаётганида, Раҳобанинг юзлари қизариб кетди, буни ўзи ҳам сезди. Аёл орқасига ўгирилиб, уларга қўлини чўзди. Лекин отаси, онаси, опалари ва укаларию уларнинг бола-чақалари Эфрайимнинг буйруғини бажариб келаётган эдилар. Эфрайимнинг ўзи эса уларни орқадан ҳимоя қилиб келарди. Кўчанинг нариги бетида бирданига аланга кўтарилди. Қўшниларининг жасадлари уйларининг эшиги тагида ётарди, шаҳар марказидан дод-фарёд эшитилиб турарди. Уларнинг кетидан кўчага тошларнинг ағнагани эшитилди. Раҳоба қайрилиб қаради. Не кўз билан кўрсаки, унинг уйи ер билан яксон бўлган эди. Салмон аёлнинг қўлини қўйиб юбориб, унинг белидан ушлаб олди. — Бу ёққа! — деди у Раҳобани олдинга итариб. — Тезроқ бўла қолинглар, — деди Салмон аёлнинг югуриб келаётган қариндош— уруғларига қараб. Салмон уларга ёрдамлашиш учун тўхтади. Раҳоба қўлларини Абибга узатди. Болакай тошларга қоқилиб кетди, лекин Раҳоба уни ушлаб қолишга улгурди. Абиб аёлни маҳкам қучоқлаб, бошини унинг елкасига қўйиб олди. Аёл қаерга қарамасин, ҳамма ёқда қон ва ўлимни кўрди. Улар вайроналар орасидан ўзларига йўл топиб кетардилар. Раҳоба орқадагиларга қаради. — Тезроқ бўл, Раҳоба! — деб буюрди Салмон. — Сен ортингга қарама! Қолганларга ўзимиз ғамхўрлик қиламиз. Энди тез югур! Бизни хурмолар тагида кутиб тургин! Раҳоба харобалар орасидан бир амаллаб чиқиб олиб, югурди. Тўхтамасдан югуриб, хурмо дарахтлари соя солиб турган жойга етиб келди. Абибни ерга қўйиб, қолганларни шошириш учун орқасига қайрилди. Ҳансирар, ўпкаси ёнаётгандай бўлди, чуқур нафас олиб, овози борича болалари билан югуриб келаётган онаси ва опаларини чақирди. Отаси ва укалари оиланинг мол-мулкини елкаларига ортиб, уларнинг орқасидан секинроқ келишаётган эди. Салмон билан Эфрайим қиличларини яланғочлаб, керак бўлса, уларни ҳимоя қилиш учун орқа томонда келишарди. Изтиробдан онасининг кўриниши бир аҳволда эди. Раҳоба уни соя жойга — хурмо дарахтига суяб ўтирғизиб қўйди. Бейсмат, Голан ва Гера болаларини бағриларига босиб йиғлашар эди. Агри кўз ёшларини чанг босган юзларига ишқаб, орқага — шаҳарга тикилди. Раҳоба ҳам унга қўшилди. Ерихо шаҳрини худди осмондан улкан қўл чўзилиб ер билан битта қилиб текислаб қўйгандай эди. Қалъалар ва деворлар ўнқир-чўнқир тош уюмларига айланган эди. Шаҳар устини тутун қоплади, ҳали ҳам ларзага келтирувчи бақир-чақир овозлар эшитилиб турарди. — Бу ёққа! — деди Салмон Раҳобанинг қўлидан ушлаб. У аёлни Гилгалда жойлашган Исроил қароргоҳига бошлаб кетди. * * * Қуёш ботаётган пайтда улкан савдо-сотиқ шаҳри — Ерихонинг кули кўкка совирилди. Ҳаводан димоққа аччиқ ҳид урилар, қоп-қора тутун, устунга ўхшаб, осмонга кўтариларди. Оловнинг узун қизил тили харобалар ичидаги ёғоч қолдиқларини ялаб ютаётгандай туюларди. Раҳоба ўтирган жойгача куйган жасадларнинг қўланса ҳиди етиб келди. Аёл қалтираганча тиззаларини қўллари билан маҳкам кучоқлаб олди. У жуда толиққанига қарамай, омон қолганидан ўзини енгил ҳис этарди. Шу билан бирга, унинг юраги қайғу — ғамга тўла. Шаҳар аҳолиси одамлар қўли ижод қилган тош деворларга ақлсизларча ишониб, шу тошларни яратган Эгамизга итоат этмай ўлиб ётибди. Улар, Раҳоба сингари, Эгамиз ҳақида кўп эшитишган. Нега энди одамлар Унга ишонишдан бош тортишди экан? Исроил лашкари жангдан қайтиб келганда, Салмон билан Эфрайим Раҳобани оила аъзолари билан қўриқлаб туришарди. — Нега энди ҳеч ким ўзи билан ўлжа олиб келмаяпти? — деб сўради ажабланган Мизрайим. — Ерихо лаънатланган, — жавоб берди Эфрайим. Салмон яхши кайфиятда бўлиб, ҳайрихоҳлик билан уларга тушунтирди. — Ёшуа орқали Эгамиз шаҳардаги ҳамма тирик жонзотларни — эркакларни, аёлларни, болаларни, ёшу қариларни, хўкизларни, қўй ва эшакларни ўлимга ҳукм қилди. Ёнғиндан омон қолган ҳамма олтин, кумуш, бронза ва темирдан ясалган буюмлар Эгамизнинг ҳазинасига келтирилади. Бизлар ўзимизга ҳеч нарса олмаймиз. Раҳоба бошини тиззасига қўйди. У, Салмон ва Эфрайим кўз ёшларимни кўрмасин, деб хоҳламади. Улар: «Раҳоба кули кўкка совурилган шаҳар учун йиғлаяпти ёки биз берган ваъдаларимизни бажарганимизга қарамай, кўрнамаклик қиляпти», деб ўйлашлари мумкин эди. Ер ва осмоннинг Худоси — Эгамизга Раҳоба шукроналар айтди. Чунки Эфрайим ва Салмон берган ваъдасини бажаришни У икковининг дилига солди. Раҳоба ва унинг оила аъзолари хавф-хатардан омон қолишди. Лекин Раҳобанинг умидлари катта эди. Эҳ, жуда ҳам катта эди! Кимдир унинг елкасидан ушлади. Аёл қайрилиб қаради — укаси Йўаб унга эгилиб турарди. — Раҳоба, сенинг гапларингга ишонмагандим. Мени кечир. — Мени ҳам кечир, — деди Мизрайим. — Яҳудийларнинг Худоси ҳақиқатдан ҳам қудратли Худо экан. — Мизрайим хотини билан болаларини бағрига босиб ўтирарди. Исроилликларнинг охири ҳам Гилгалга қайтиб келишаётган эди. — Бу ерда хотиржам ўтириб туринглар, — деди Салмон. У Раҳобага таъзим қилди, сўнг ўгирилиб нари кетди. Эфрайим унга эргашди. Раҳоба ўрнидан турди. Кеч кириб қолган эди. Икки шарпа оқшом қоронғусида кўздан йўқолгунча, Раҳоба уларнинг орқасидан тикилиб турди. Қариндош-уруғлари ҳеч нима дейишмади. Салмон билан Эфрайим Исроил чодирлари орасида кўринмай қолгандан кейин, Раҳоба кўзларини юмди, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. Анча вақт ўтгач, отаси унинг олдига келди ва қизини бағрига босди. — Қизгинам, биз енгил тортиб эркин нафас оляпмиз. Сенинг доно-лигинг туфайли биз ҳаммамиз омон қолдик. Раҳобани аччиғи келиб, отасини силтади. — Худонинг иродаси билан биз тирик қолдик, — деди аёл. Унинг юзидан кўз ёшлари оқарди. — Ҳа, албатта. Бу хақ гаплару лекин чин юракдан айтилмаган эди. Раҳоба хомуш аҳволда бошини сарак-сарак қилди. Яқин одамларидан ҳеч бири унинг қайғусини тушунмас эди. Ҳаттоки ҳозир ҳам шунча гапларни эшитиб, бўлиб ўтган воқеаларнинг гувоҳи бўлишса-ю, лекин Раҳобанинг ишончига ва юрагидаги интилишига шерик бўлишмаса! Қариндошлари унинг умидсиз аҳволини тушунмадилар. Раҳоба исроилликлардан бири бўлишга нолойиқ. Худо уни ўлимдан қутқарди. Аёлга ва унинг оиласига Эгамиз марҳамат кўрсатди. Лекин бу — Раҳоба Худонинг ҳузурида бўлади, дегани эмас эди. Бу — Раҳоба Худонинг халқи орасида бўлиши мумкин, дегани ҳам эмас эди. Исроилликларнинг юзидан шу нарсани уқиб олиш мумкин эдики, Раҳоба улар учун барибир «Ерихо фоҳишаси» бўлиб қолаверади. Унинг елкалари силкинди, ўкириб йиғлаб юбормаслик учун у кафти билан оғзини беркитди. — Раҳоба, сен ўлганларга аза тутяпсанми? — Йўқ, — деди у чарчоқ овозда. Раҳобанинг ҳақиқий Худо ортидан бориш орзуси чипакка чиққанидан, у аччиқ йиғларди. У Исроил қароргоҳидан ташқарида, анча йироқда эди. * * * Бу кечани Раҳоба мудраб ўтказди. Эртасига азонда уйғонди. Ғира-ширада туриб Исроил қароргоҳидагиларнинг уйқудан туришини кузатди. Қуёш кўтарилганда, Раҳоба шу томонга келаётган уч кишини кўрди. Юрагининг уриши бир лаҳзага тўхтаб қолди. Сўнг аёл қолганларни уйғотишга шошилди. Ҳамма уйғониб, Раҳобанинг олдига келди. Раҳоба эса отасининг ёнига турди. Узоқдан келаётган Салмон билан Эфрайимни аёл дарров таниди. Улар билан бирга обрўли бир мўйсафид ҳам келарди. Аёл ва унинг қариндош-уруғлари келганларга таъзим қилишди. — Бу ўша, — деди астагина отаси. — Бу одамни мен қирқ йил олдин хурмо ўрмонзорида кўргандим! — У ерга мук тушди, кафтларини ва пешонасини ерга қўйди. — Мен уни танимаслигим мумкин эмас! Раҳоба ҳам бу одамни Исроил лашкари Ерихога юриш қилишларидан олдин кўрган эди. Айнан шу мўйсафид қалъа деворларини синчковлик билан кузатган, қилич яланғочлаб турган аскарга ҳам мук тушиб таъзим қилган. — Туринглар! — деди оқсоқол ҳассасини ерга уриб. — Сизлар менга эмас, Худога таъзим қилишларингиз керак! Раҳоба дарров ўрнидан турди, кейин отаси туришига ёрдамлашди. Отасини қалтироқ босганини у сезиб турарди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки аёл йўлбошчининг кўзига қараган эди, шу заҳотиёқ у ҳам титраб кетди. Раҳоба ҳали ҳеч бундай жиддий нигоҳни кўрмаган эди. — Мен Ёшуаман. — Қачонлардир, кўп йиллар олдин сен билан хурмо ўрмонзорида учрашганмиз, — деди Раҳобанинг отаси. — Сен қайтиб келишингни мен билардим. — Абуасаф, мен сени танидим. Ота яна таъзим килди. — Менинг оиламга раҳм қилганинг ва бизнинг жонимизни сақлаб қолганинг учун миннатдорчилик билдираман. — Ўлимдан сизларни мен эмас, Худо қутқарди, — деди Ёшуа. — Энди сизлар бу ёғига қандай яшашларингни ҳал қилишларинг керак. Ўзларингизнинг келажакларинг тўғрисида ўйлаб кўрдиларингми? — Бизнинг ягона орзуимиз — тирик қолишдир. — Ҳаётингиз ўзларингизга қайтиб берилди, — деди Ёшуа. — Исроилликларнинг биронтаси сизларга ёмонлик қилмайди. Қаерга бормоқчисизлар? — Агар ҳаммаси сен айтгандай бўлса, демак, биз ўз йўлимизни ўзимиз танлашимиз мумкин, — эҳтиёткорлик билан давом этди ота. — Унда хурмо ўрмонзорига қайтишимизга, у ерда меҳнат қилиб тинчгина ҳаёт кечиришимизга руҳсат беришингни илтимос қилардим. Раҳоба кўзларини юмди, юраги бир неча сонияга тўхтаб қолди. Ёшуа рози бўлиб, бошини эгди. — Абуасаф, сен оиланг билан биргаликда кетишинг мумкин. Сизларга тинчлик, хотиржамлик ёр бўлсин! Раҳоба, Ёшуа кетиб қолади, ўзим тўғримда сўрашга улгурмай қоламан, деб қўрқиб кетиб, олдинга чиқди. — Мен кетишни хоҳламайман! Ҳамманинг нигоҳи унга қадалган эди. Отаси ва укалари ҳаяжон билан, онаси ва опалари қўрқув билан унга қараб туришарди. Салмоннинг кўзлари чақнади. У Раҳобанинг ўрнига гапирмоқчи бўлди, аёл эса унга тескари қаради. Агар ҳозир Салмон аёлнинг ёнини олиб гапирганда, Раҳоба ва унинг оиласини қутқариш учун сўз берганини таъна қилган бўларди. Аёл таваккал қилиб Салмонни ҳозир уятга қўйишни хоҳламади. Бундан ташқари, у одамзоднинг кучига ишонмасди. Майли, Худо унинг ҳаками бўлсин. Агар Худо бургут бўлиб, аёл эса ўзига бошпана излаб елдай югуриб бораётган сичқон бўлганда эди, Раҳоба, барибир, Унинг қудратли қанотлари ўзига бошпана бўлишини истаган бўларди. Ёшуа синчковлик билан Раҳобага қаради. Лекин унинг нигоҳи нима мақсадга қаратилганини билдирмас эди. — Раҳоба, сен бизнинг айғоқчиларимизни яширган фоҳишасан. — Мен Раҳобаман. — Яхши, эй аёл, нима истайсан? Отаси ҳамманинг номидан ўз қарорини айтди. Лекин Раҳоба ягона имкониятни қўлдан бергиси келмади. — Қўрқма, — деди Ёшуа. — Гапиравер! — Нима бўлса ҳам, мен Худонинг халқи орасида яшашни ва Уники бўлишни истайман. Ёшуа қайрилиб Салмонга қаради. Раҳоба нафасини ютганча исроилликларга тикилиб турарди. Ёшуа нигоҳи билан Салмонга: «Раҳобани ва унинг оиласини қатл қилиб, ортиқча дардисарлардан қутулиш лозим», деб буйруқ беряптимикан? Аёлнинг бундай ярамас илтимоси билан Ёшуа Салмонни айбламаяптимикан? Ёшуанинг фикрини Раҳоба ўзича тасаввур қилди: «Қандай қилиб бу уятсиз фоҳиша Худонинг танлаган халқи орасида истиқомат қилишни ўзига эп кўрди! Ҳаётини сақлаб қолганимиз етарли эмасмикан? Бундан ортиқ нарса талаб қилишга Раҳобанинг ҳақи бормикан? Йўқ, бунга чек қўйиш керак!» — Худо халқининг бир парчаси бўлолмас эканман, унда ҳамма йўлдан адашганлар сингари у ерда — Ерихода ўлиб кетганим яхши эди! Отаси Раҳобанинг қўлларини ушлаб, қисди. — Қизим, жим бўл! Тирик қолганингга шукр қил! Раҳоба отасидан қўлларини тортиб олиб, яна Ёшуага юзланди. — Омон қолганим учун Худога шукр! Аммо сиз, ўз ҳаёт йўлларингизни ўзларингиз танланглар, деганингиз учун, мен олдинги ҳаётга қайтмасликка қарор қилдим. Мен ҳаётимни қайтадан бошлашга қарор қилдим. Худодан қайта туғилган чақалоқ каби, ҳаётимни қайтадан бошламоқчиман! — Нима деяётганини ўзи ҳам билмайди, — деди тезлик билан ота. — У тушуниб гапиряпти, — эътироз билдирди Салмон. — Раҳоба оддий бир аёл, унинг устига, калтафаҳм аёл, — деб минғирлади Мизрайим. Унинг гапириш оҳангидан опасига нисбатан қаҳр-ғазаб, Раҳобанинг чакагини ўчириш ҳисси сезилиб турарди. «Бу гапларни Ерихо деворларининг мустаҳкамлигига ишонган, бутларга сиғинган, эндиликда эса ушбу деворларнинг, бутларнинг ер билан яксон бўлганига гувоҳ бўлган одам гапиряпти-я», — деб ўйлади аччиғи чиққан Раҳоба. «Бошқалар хаёлимни бузмай қўя қолсин», деб хоҳларди у. Ёшуа қўлини тепага кўтариб ҳаммани тинчлантирди. — Эгам Ўзининг марҳаматини сизларга кўрсатди, — деди у. — Лекин Эгамиз бу аёлга нисбатан ниҳоятда раҳмдиллигини намоён қилмоқда. Абуасаф, сенинг тилакларинг ижобат бўлгай. Ўз оила аъзоларинг билан тинчгина кетавер. Хоҳлаганларингча хурмо ўрмонзорида яшайверинглар. Аммо сизларни огоҳлантириб қўяй: Ерихо лаънатланган. Кимки уни қайта қурмоқчи бўлса, нафақат тўнғич ўғлидан, балки кенжа ўғлидан ҳам айрилади. — Менинг қизим нима қилади? — Агарда Раҳоба қолмоқчи бўлса, у шу ерда қолаверсин. Ёшуа қолган икки исроиллик билан кетгандан кейин, аёлнинг кўзлари ёшга тўлди. У маъюс бошини эгди. — Нима бўлаётганини кўрдингми? — деб сўради Мизрайим. Шу вақт унинг хотини нарсаларини йиғиштираётган эди. — Улар ўзларини биздан устун қўйишади. Сенга ўхшаган аёл улар орасида яшашини хоҳлашмаяпти. Раҳоба индамади. Укасининг гапи тўғрилигини у биларди. Аммо аёлнинг қалби изтироб чекаётганини Мизрайимга билдиргиси келмади. — Раҳоба, биз сенга йўл бўйига уй қуриб берамиз, — деб таклиф киритди Йўаб. — Сен жуда катта даромад келтирадиган иш бошлашинг мумкин… — Мен шу ерда қоламан, — деди Раҳоба ва ерга ўтириб олди. — Қайсар аёл! Эсингни йиғ! Ақлли бўл! — Ақлли? — у укасига тикилди. — Сенингча, Ўз халқини паноҳида сақлаётган Худодан юз ўгириб кетиш маъқулми? — У бизнинг халқимизни қутқара олмади-ку! — деб бақирди Мизрайим қўлини бигиз қилиб Ерихони кўрсатар экан. — Ҳалигача ёнган мурдаларнинг анқиб турган ҳидини сезишинг мумкин! — Менинг халқим бу томонда, — деди Раҳоба Гилгални кўрсатиб. — Уйга кетгим келяпти, — деб йиғлади онаси. — Қачон ўрмонзордаги уйимизга қайтишимиз мумкин? — Сиз яна ёғочдан ясалган майда бутларингизга бориб сиғинишни хоҳлаб қолдингизми? — деди Раҳоба захархандалик билан. — Ерихони хонавайрон қилган Худо бизга тўғри келмайди, — оқилона фикр юритди отаси. — Энг муҳими — биз тирикмиз. — Йўқ, ота. Бизни қутқарган Эгамизга хизмат қилмай оддийгина яшаш бизга тўғри келмайди! — Сен учун, балки, тўғри келмас, — деди Мизрайим, — биз учун эса жуда тўғри келади! — Ундай бўлса, кетаверинглар! — Қизим, илтимос, юр биз билан, — деб ялинди она. — Сен қандай қилиб қоласан?! Исроилликлар билан бирга яшашингга ўзлари йўл қўйишмайди. — Уни ўзимиз билан мажбурлаб олиб кетаман! — деди ғазаб билан Мизрайим опасининг қўлидан тортар экан. Раҳоба унинг қўлларини итариб ташлади. — Сендан анча бақувват эркаклар ҳам мени ўз измига бўйсундирмоқчи бўлган! Беҳудага уринма! — Уни тинч қўйинглар, — деди отаси елкасига қоп ортар экан. — Бир неча кун, майли, обдон ўйлаб кўрсин. Зора, ақлини йиғиб олса. — Қачон сизларга ақл киради? — деб бақирди Раҳоба. — Чин ҳақиқатнинг гувоҳи бўлатуриб, қандай қилиб кетишга журъат қиляп-сизлар?! — Қандай ҳақиқатни? — сўради Йўаб. — Сизларни Эгамиз қутқарди-ку! — Бизни қутқарган сен, Раҳоба! — деб жавоб берди ота. — Биз сендан миннатдормиз. — Менга ўхшаб, Эгамиз ҳақида кўп нарсалар эшитгансиз-ку! У ҳақда эшитганларимни ўзим ҳар гал сизларга сўзлаб бермаганмидим? — Ҳа, бу Худо буюк куч-қудратга эга. — Унинг мавжудлигининг ўзи — тамомила куч-қудрат! — Шунинг учун ҳам кетишимиз керак, жонгинам. Бундай Худодан узоқроқда яшаганимиз маъқулроқ. — Хўп, отажон, лекин сизлар қандай қилиб яшамоқчисизлар? Ундан қочиб, қаерга бекинишингиз мумкин? Отанинг безовталиги сезилиб турса ҳам, лекин у ўз гапида маҳкам турарди. — Ёшуа рухсат этгандай, биз хурмо ўрмонзорида тинчгина яшай-миз. Уларнинг ишларига аралашмай, ўз юмушларимизни бажарамиз. Шу тариқа уларнинг Худоси билан ҳам, Исроил халқи билан ҳам тинч-тотув яшаймиз. Раҳоба бошини сарак-сарак қилиб, исроилликлар қароргоҳи жойлашган Гилгалга қаради-да, йиғлаб юборди. — Юр биз билан, — деди Агри, — илтимос, сингилжон, йўқ дема. Сен бу ерда яккаю ёлғиз қоласан. — Йўқ, мен шу ерда қоламан. — Агар улар қароргоҳларини йиғиштириб кетиб қолишса-чи? — Мен уларнинг кетидан бораман. — Нимага? — Чунки, мен мажбурман. — Оҳу сувга ташна бўлгани каби, Раҳо-ба исроилликларнинг Худосига ташналигини қариндош-уруғларига қандай қилиб тушунтирсин? Агри секингина йиғлаб, Раҳобанинг пешонасидан ўпди ва нари кетди. * * * Салмон Ёшуа билан қароргоҳнинг четида туришарди. — Мен сизга, Раҳоба қариндошлари билан бирга кетмайди, деб айтдим-ку! — Уни уч кун ёлғиз қолдир. Унга имкон бер, яхшилаб ўйлаб, ўз йўлини ўзи танласин. Агарда уч кундан кейин у ўша ерда қолса, бориб Исроил халқи чодирига уни олиб келишинг мумкин. — Ахир, у аёл киши, унинг устига ёлғиз бўлса! У ҳимояга муҳтож! Ёшуа жилмайди: — Уни Худо Ўз паноҳига олган. * * * Тўртинчи куни тонг отганда, ёлғиз ўтирган Раҳоба ўзи томон келаётган бир одамни кўрди. Бу Салмон эди. Салмон яқинлашганда, унинг қиёфаси жиддийлигини Раҳоба кўриб: «Салмон бирон машъум хабар келтираётган бўлса керак», деб ўйлади. Балки Ёшуа уни бу ердан ҳайдаб юборишни буюргандир! — Сен бу ерда уч кун бўлдинг, — деди Салмон ёнаётган олов ёнига — Раҳобанинг рўпарасига туриб. — Ёшуа, ўз йўлингни танлаш ҳуқуқинг бор, дегани учун, мен шу ерда қолишга қарор қилдим, — деб Раҳоба оловни чўп билан титди. — Нон пишириш учун фақат бир марталик буғдой қолган эди. Эртага оч ўтиришимга тўғри келади. — Қачонгача сен бу ерда қолмоқчисан? — Исроилликлар Гилгалда қанча туришса, шунча вақт қоламан. — Биз ҳадемай кетамиз. — Унда мен ҳам кетаман. Салмон қаддини ростлаганида, Раҳоба: «Салмон ҳозир бурилиб, қароргоҳга қайтиб кетади», деб ўйлади. — Мен сени ўз чодиримга олиб бориб, чопоним билан ўраб қўяман. Бундай таклифдан Раҳоба қизариб кетди. — Сен мени-я? — аёл қўллари билан юзини беркитди. Салмон қовоғини солди. — Нима, сен рози эмасмисан? — Сен ҳали жуда ёшсан! Салмон жилмайди. — Мен етарли даражада катта йигитман. Раҳоба заҳархандалик билан кулди. — Нима, менга уйланмоқчимисан? Сен нима деяётганингни ўзинг ҳам билмайсан. Ёшуа уч кун олдин нима деганини эшитмадингми? Мен, Раҳоба — фоҳиша, Исроил халқи кўз ўнгида, менинг исмимни эшитганларнинг ҳаммаси олдида фоҳишаман. — Эҳ-ҳа, бу сенинг олдинги ҳаётинг. Эгамиз сенга келажак ато этди. — Бу билан хазиллашма, — кинояли деди аёл, йиғидан аранг ўзини тўхтатиб. — Қанийди, агар ҳаётни бошқатдан бошлаш имкони бўлганда эди, Раҳоба кўп нарсаларни ўзгартирган бўларди. — Раҳоба, мен хазиллашаётганим йўқ. Салмон оловни айланиб ўтди. Олдин у аёлнинг қўлини ушлади, сўнг кўтариб олди. — Сен нима деб ўйлайсан? Биз Ерихога Эфрайим билан нима учун келган эдик? — Шаҳар истеҳкомларини кўриш учун. — Бизга шундай деб айтилган эди. — Менга ҳам сизлар шундай деган эдиларинг, — деди Раҳоба. Сўнг қовоғини солиб унга қаради. — Ўзимиз ҳам шундай деб ўйлаган эдик. Аммо сени учратганимдан кейин, мен баъзи бир нарсаларни англадим. Салмоннинг кўзлари қўй кўз бўлиб, чиройли, меҳрибон боқарди. — Нимани англаб етдинг? — Менинг ўйлашимча, Эгамиз бизни шаҳарга сени излаб топиш учун жўнатган. — Мендай бир суюқ оёқ аёлни қутқариш Худога нима учун керак? — Худо, Ўзининг одамлари қаерда бўлишларидан қатъий назар, ҳаммасини билади, ҳатто бутларга сиғинадиган мажусийлар шаҳрида яшашса ҳам. Бутпарастлар шаҳри сени ҳам билади, Раҳоба. Сенинг чин юракдан қилган илтижоингга У жавоб қайтарди. Эгамиз сени ўлимдан олиб қолди. Энди эса сен Унинг халқи орасида бўлишингга У имкон беряпти. Раҳоба йўқ дегандай бошини сарак-сарак қилди, ўзини Салмондан олиб қочди. Бу фикр қанчалар яхши бўлмасин, бундан ҳеч нарса чиқмайди. — Эгамиз менинг Нажоткорим эканини биламан. Шу билан бир-га У бутун борлиқнинг Худоси эканлигини, менинг ҳаётим Хўжайини эканлигини ҳам мен яхши биламан. — Ундай бўлса, Худо дуо қилиб сенга бераётган инъомни қабул эт, — деди кулиб Салмон ва унинг қўлини ўзининг юраги устига қўйди. — Ёш турмуш ўртоғингни қабул қил. Раҳоба кулиб юборди. — Ёш ва қизиққон эрни, — деди Раҳоба. Сўнг унинг қучоғидан бўшалиб, Салмонга тескари қаради. — Бир-икки кун ўйлаб кўриб, мен «йўқ» деганимга хурсанд бўласан. — Сени биринчи бор кўрганимдаёқ, сен билан бирга бўлишга аҳд қилганман. Аёл қошларини чимириб, синчковлик билан Салмонга боқди. — Вой, ростданми? — бунга ўхшаш гапларни у бир неча бор эшитган! Ерихо шоҳи ҳам қачонлардир унга шундай деганди. — Салмон, мен билан бирга бўлишингни қачон англаб етдинг? Дера-задан қараб, уятсизларча сизларни уйимга чақирганимдами? — Ра-ҳоба сочларини силади. — Ёки менинг қуюқ қора жингалак сочларим юрагингга олов ёқдими? — аёл Салмоннинг бўйнини силади. — Ёки яна бошқа жозибали, ёқимли хислатларимми? — Раҳоба қўллари билан кўйлаги бурмаларини силади. Салмон ҳамон унинг кўзларига тикилиб турарди. — Сен биринчи бор Ерихо деразасидан қараб турганингни кўрганимда, фоҳиша эканлигингни дарров англадим. Бузуқ, уятсиз аёл эдинг! Уйингга кириб борганимизда, биз билан сўзлашганингда, сенинг асл юзинг — ақлли, меҳрибон, мақтовга сазовор аёл эканлигинг намоён бўлди. — Э-э, қўйсанг-чи, Салмон… — Раҳоба яна унга тескари қарамоқчи эди, Салмон маҳкам ушлаб, уни ўзига қаратиб олди. — Худога ўз ишончингни билдирган пайтдан бошлаб мен сени севиб қолган эдим. — Севиб қолдинг? — Ҳа, чин дилдан севиб қолдим. Шунча яшаб Исроилда сенга ўхшаган имонли, мақтовга сазовор аёлни учратмаган эдим. Мен бил-ган қизларнинг ҳаммаси оловли устун пайдо бўлиб, бизни саҳрода бошлаб борганини кўришган. Улар тоғ чўққиларидан сув ичиб, осмондан ёғилган маннадан тановул қилишган. Лекин, барибир, уларнинг ишончи сеники билан тенглаша олмайди. Сендан пайғамбарлар дунёга келади… ҳаттоки Масиҳ ҳам бўлиши мумкин. — Масиҳ? Бу сўз қандай маънони билдиради? Салмон яна жилмайди. — Сен ҳали кўп нарсаларни билмайсан, кўп ўқитиш керак сени! Бизнинг халқимиз тарихи, Худонинг Аҳд Қонуни… — У кафтлари билан Раҳобанинг юзини силади. — Менинг хотиним бўл, сенга кўп нарсаларни ўргатаман. — Сенинг оиланг нима дейди? — Ўзимга шундай хотин танлаб, тўғри иш қилганимдан улар хурсанд бўлишади. Ҳолиб розилик билдирди. — Ким у Холиб? — У Яҳудо қабиласи оқсоқоли, яъни бизнинг уруғбошимиз. Қирқ йил олдин Мусо Канъон юртига айғоқчиларни жўнатганида. Ёшуа билан Холибни жўнатган эди. Отам-бобомнинг бутун авлодидан фақат Холиб билан Ёшуа тирик қолди. Холибни ҳамма ҳурмат қилади, — деди Салмон аёлнинг сочларини силар экан. — Унинг ўзи сенга уйланмоқчи бўлди. Лекин мен унга, битти хотин ҳам сизга кўплик қилади, деб айтдим. Худонинг марҳаматидан ҳайратланиб, Раҳоба кўз ёшларини артди. Олдинига У аёлни ўлимдан қутқарди, энди эса Парвардигор бу ожизани ҳақиқий тақводор одамга турмушга чиқишга ундаяпти. Салмон унинг эри бўлади! Раҳоба бу тўғрида орзу қилолмас ҳам эди. — Сен мен кутган аёлсан, — деди секингина Салмон. — Юр мен билан! Аёл Салмондан ўзини хотиржам қилиш учун рухсат сўрагандай, қўлини тепага кўтарди. Томоғида бир нарса тиқилиб тургандай, бу унга гапиришга ижозат бермагандай туюлди. Салмон қўрқиб кетиб, қовоғини солди. У ҳамон Раҳобанинг қандай қарорга келишини кутарди. Аёл ундан нари кетди. Бориб олов ёнига тиз чўкди, турпоқ олиб ёнаётган оловни ўчирди. Нарсаларини йиғиштириб, тугунчани бойлади. Сўнг қаддини ростлади. Юзларидан қувонч кўз ёшлари оқарди. Салмон жилмайди. Раҳобанинг ёнига келиб, унинг кўз ёшларини артди. Олдинига аёл Салмоннинг чин севгисига ишонмай иккиланган бўлса, энди эса унинг кўзлари ушалган орзудан, бахтиёрлигидан порлаб турганини кўрди. Салмон Раҳобанинг тугунчасини олди, уни қўлидан ушлаб уйига етаклаб олиб кетди. Хотима Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди; Бўаз Обиднинг отаси бўлди; Обиддан Ишай туғилди; Ишайдан подшоҳ Довуд туғилди; Довуднинг наслидан — Яҳудо қабиласидан Ваъда қилинган Масиҳ дунёга келди, Исо Масиҳ бизнинг Нажоткоримиз, Раббимиздир. РУТ Матонатли Ҳаракатнинг вақти ва жойи РУТ 1:1–4 Исроилда ҳакамлар ҳукмронлиги даврида бир муддат очарчилик бўлган эди. Бир одам хотини ва икки ўғли билан бирга бир мунча вақт яшаш ниятида Мўаб юртига жўнади. У Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан эди. У одамнинг номи Элималек, хотинининг оти Наима, ўғилларининг исмлари эса Махлўн ва Хилён эди. Бу оила Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик эди. Улар Мўаб юртига бориб, ўша ерда яшаб қолди. Улар ўша ерда яшаётганларида, Элималекнинг ажали етди. Наима икки ўғли билан қолди. Унинг ўғиллари Мўаблик қизларга уйландилар. Қизлардан бирининг исми Ўрпа, иккинчисиники Рут эди. Улар ўша ерда ўн йилча яшадилар. Биринчи боб Рут тор, одам кўп Кирхарашот кўчаларидан тушар экан, кўнглида саросималик ҳукмрон эди. Унинг суюкли эри Махлўн бир ой олдин оғир хасталикка йўлиқиб, вафот этди. У кўнглидаги қайғу ва соғинчни бартараф қилмоқчи бўларди. Энди Махлўнсиз нима қилади? Ахир, Рут севган кишиси билан узоқ бахтли ҳаёт кечиришни, эрига болалар туғиб беришни ва у билан бирга кексайишни орзу қилган эди. Рут: «Энди эримнинг исмини олиб юрадиган болаларим бўлмайди», деб ўйлаб, тушкунликка тушган эди. Янги ой чиққанда, Рут онасини ҳар ой йўқларди, онаси ҳам уни кутарди. Улар отасининг дастурхони атрофида бирга чой ичишади, ширин таомлар ейишади, оилавий муаммоларни муҳокама қилишади. У ўзининг ҳамма муаммоларини ҳеч хаёлидан кетказа олмас, онаси унинг азоблари сабаби ҳақида қандай ўйлаётганини эшитишни хоҳламас ҳам эди. Бахтиқаро Наима! Унинг қайнонаси яна бир жудоликни қандай кўтаради энди? Ўн беш йил олдин у Элималикни — эрини йўқотган эди, ўтган йили баҳорда эса кичик ўғли Хилйўн вафот этди. У ишонган Исроил Худосидан тасалли топармикан ёки охир-оқибат навбатдаги оғир қайғудан — кенжа ўғлининг ўлимига бардош беролмай букилиб қолармикан? Эй Эгам, Исроилнинг Худоси, менинг ноламни эшит! Наима Рутга ҳақиқий Худо ҳақида айтганида, у Худога ишонди, чунки у қайнонаси қалбида тинчлик ва хотиржамликни кўрди. Бу хотиржамлик унга турли қийинчиликларни енгишга ёрдам берарди. Рут бундай хотиржамликни отасининг уйида ҳеч қачон кўрмаган эди. Рут ва Наима Худо ҳақида тез-тез суҳбатлашар, айниқса Рутда саволлар туғилиб қолганда, Наиманинг ҳамма жавобларида, Худога ишониш керак, уни эшитиш керак, унинг хоҳиш-иродасини қабул қилиш керак, чунки ҳамма бўлаётган воқеаларда аниқ бир мақсад бор, ҳатто сен Уни кўрмасанг ҳам, деган ўгит бор эди. Аммо айрим ҳолларда бу оғриққа чидаб бўлмас эди. Рут қўрқиб кетарди. У келини Ўрфага ўхшаб азоб чекмасмикан. Ўтган йили эри вафот этганда, Ўрфа ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаб,фарёд қилган, овқат емай қўйган эди. Наима билан Рут Ўрфанинг соғлиғи ҳақида хавотирланишарди. О Парвардигор, Наимага юк бўлишимга йўл қўйма. Унга ёрдам беришим учун менга куч бер. Рут отасининг уйига яқинлашганда, чуқур нафас олди, қаддини ростлаб, эшикни тақиллатди. Хизматкор эшикни очиб, хурсандчилик билан кутиб олди. — О Рут! Кир ичкарига, — деб уни қарши олди ва дарров уни қўли билан имлади: — Кирсанг-чи. Отасининг катта, чиройли уйида бўлиш, бу уй билан эрининг кичкина, оддийгина уйини солиштириш васвасасига тушиб қол-маслик қийин. Бу уйнинг қайси бурчагига кўзи тушмасин, бойликдан хабар беради: чиройли гулдонлар, гиламлар, зиғир толали матодан тикилган ранг-баранг пардалар, фил суякларидан ясалган хонтахталар. Рут шу уйда катта бўлган, отасининг бойлигини одатдаги ҳолдек тушунган. Кейин у ёшгина яҳудий сотувчи йигитни учратиб қолди, уни севиб қолиб, унга турмушга чиқди, лекин у йигит минг машаққатлар билан оиласини бошқариб, ризқ-рўзини топарди. Рутнинг ота — онаси бойликлари билан мағрурланишар эди, лекин Рут Наима билан яшаб шуни тушундики, унинг ота — онаси руҳан камбағал бўлган эканлар. Наиманинг бойликлари Рутнинг ишлаб топаётган моддий бойликларига асло алоқасиз эди. — Вой, асал қизим! Онаси хонага кирди ва Рутни қучиб, ўпди. — Ўтир, жонгинам. Кейин қарсак чалиб, хизматкорга буюрди, кейин юмшоқ қизил-кўк аралаш рангли ёстиқчага ўтирди. — Сен бирон янгиликни сезмаяпсанми? Рут атрофга қаради. «Онам нимани назарда тутяпти: янги хонтахтаними ёки янги пардаларними, балки янги гиламни назарда тутаётгандир?» Яна онасига қаради, бармоқлари билан силаётган олтин узукка кўзи тушди. — Бунга нима дейсан? Чиройли-а, тўғрими? Бу отангнинг совғаси. Мисрдан келтирилган. — Отам ҳар доим сахий одам, — деди Рут ва хаёли яна Махлўнга кетди. Махлўн Рутга: «Майли, мен бир ўзим ўтириб туравераман, бориб, онангни кўриб кел», деб тайнлади. Наима Махлўн билан ўтириб туради. «Бор, дам олиб кел». Ахир, Рут қандай қилиб дам олсин?! У фақат эри ҳақида ўйлар, шу уйдан тезроқ чиқиб, севгилисининг ёнига боришни ўйлар эди. Хизматкор овқат кўтариб хонага кирди, овқатнинг ёнида яна мева-чевалар, нон, иккита қадаҳ, хумда мусаллас бор эди. Бошқа хизматкор эса катта ликопда қовурилган дон билан димланган қўй гўшти бўлакларини хонтахта устига қўйди. Хушбўй ҳид таратаётган таомдан Рутнинг иштаҳаси очилиб кетди, лекин онаси зўрласа ҳам, у овқатга кўл тегизмади. Ахир, уйда Махлон касал, ҳатто, ҳеч нарса ея олмаса-ю қандай қилиб овқат ея олади?! Қандай қилиб у дстурхонга қўйилган тансиқ таомлардан баҳра олади?! Ахир, уйда қайнонасининг нон, зиғир ёғи ва нордон мусалласидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса? — Сен қувватга киришинг керак, Рут, — деди онаси оҳиста. — Жудаям озиб кетибсан-ку, қизим! — Балки вақти-соати билан бўлар, онажон. — Мен кеча бозорда Ўрфанинг онаси билан гаплашиб қолдим. Ҳамма муолажа имкон қадар қилинганмиди? Рутнинг гапиришга мадори қолмай бошини ирғитди. Наима, ишонч ҳар доим ҳам бор, деб тасдиқлаб, ибодатни давом эттирарди. Икковлари ҳам ибодат қилишарди. Ибодат улар учун одат тусига кириб қолди. — Вой, жон қизим. Сен ҳам бундай қийинчиликларни бошдан кечиришингга тўғри келиши мумкин. Шуни билиб, мен жудаям изтироб чекяпман, — деб қизини бағрига босди. Она бир муддат жим бўлиб қолди: — Унинг ўлимидан кейин сен нима қиласан? Савол томдан тараша тушганда бўлди, Рутнинг кўзлари ёшга тўлди. — Мотам тутаман, Қайнонамга тасалли бераман. Кейин билмадим, нима қиларкинман. Ҳозир бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. — Лекин ўйлаб кўришинг керак. — Онажон, — дея эътироз билдирди, қўллари билан юзини беркитиб олди. Лекин онаси тўхтамади. — Мен сени хафа қилмай деб ҳозиргача бу ҳақда сўрамаган эдим. Махлонни қанчалик севишингни биламан. Агар отанг сени шунчалик яхши кўрмаганда эди, Қосимга турмушга чиқарган бўларди, сен ҳозиргидек азоб чекмас эдинг. Отанг, қизимни ҳар доим хурсандчилик билан кутиб олинглар, токи у шу муносабатимизни сезиб турсин, деб хоҳлайди. Мен билан шу ерда оз вақт бўлсанг ҳам, қанчалик хурсанд бўлишимни ўзинг яхши биласан. Агар Махлўн вафот этиб қолса, Наима билан бирга қолишинг шарт эмас, бизникига қайтиб кел. Рут қўлларини тиззасига қўйиб, кўзида ёш билан онасига қаради. — Ахир, мен қандай қилиб Наимани изтироб чеккан ҳолича ташлаб кетаман?! Эримга ваъда берганман, ахир. Ўзингиз ҳам буни яхши биласиз! — Наиманинг ўзи биринчи бўлиб, энди отангнинг уйига боравер, деб айтади. Шунча айрилиқдан кейин у шу ерда қолади, деб ўйлайсанми? У ўз юртига — халқининг ёнига қайтиб кетади. Бу сўзлар худди ўткир қилич каби, Рутнинг юрагига санчилгандай бўлди. Онаси худди Махлўн ўлгандай гапирар, Наима ҳақида ўйлаши эса шарт эмас эди. — Мен кетишим керак. Рут ўрнидан турди. Онаси унинг қўлидан ушлаб олди. — Йўқ, илтимос, гапимни эшит. Наиманинг эри бизнинг урф-одатларимизни жон деб қабул қилди, қайнонанг эса ўзини четга олиб қочди. У ҳозиргача яҳудий аёлларига ўхшаб кийинади. У ҳеч қачон бизнинг ибодатхонамизга бормаган, ҳатто, худомизга бирон марта ҳам қурбонлик қилмаган. Балки, шунинг учун ҳам у шунчалар азоб чекаётгандир. Бизнинг худоларимиз ундан ғазабланишган. — Унинг ўз Худоси бор. — Ҳа, албатта, аммо унинг Худоси бошқа худолардан нимаси билан афзал экан? Ўша Худоси қашшоқлик ва азоб-уқубатдан бошқа унга нима берди? — онаси қўли билан ишора қилди. — Атрофга қара, қизим. Қара, Мўаб худолари бизларга қанчалик марҳамат кўрсатяпти. Эътиқодимиз туфайли бизни ўраб турган ҳашамату дабдабага қара. — Лекин сиз билан отам ҳеч қачон шукр айтмагансизлар. Онасининг кўзлари тиниб кетди. — Мен минг марта шукр айтаман. — Унда нега ҳар доим бундан ҳам кўп бойлигингиз бўлишини хоҳлайсизлар? Наима учун эса моддий бойликларнинг аҳамияти йўқ. Онасининг жаҳли чиқди, қизининг қўлини қўйиб юборди. — Албатта аҳамияти йўқ. Қандай қилиб шунча бойлик учун аҳамиятга эга бўлсин?! Ахир, умрида бундай мол-мулкка эга бўлмаган бўлса?! — Сиз тушунмаяпсиз, онажон. — Тушуниб турибман, сен ўзингнинг, халқингнинг Худосидан юз ўгириб, унинг Худосига сажда қиляпсан. Рут, ўзингнинг худоларингга қайт. Ўша хонадонни тарк этиб, уйимизга қайтиб кел! Ота-онасининг олдига қайтишдан фойда нима?! Ота-онаси ҳар доим ундан норози бўлишган. Отаси обрў-эътибор қозонгани сари, кўпроқ мол-мулкка эга бўлишни хоҳлайди. Унинг иштаҳаси тобора очилаверди. Уни ҳеч нарса қондирмас эди. Бир неча кундан кейин бу тилла узук онасининг жонига тегади, мақтаниш учун яна янгисини хоҳлайди. Наима бўлса фақат Исроил Худосини мақтарди. Худосига ибодат қилаётганда, у ҳамма нарсани, ҳатто азоб-уқубатларини ҳам унутиб, таскин топарди. Эй Парвардигор Эгамиз, менга Ўзинг ёрдам бер! Мен кўп нарсани тушунмаяпман. Мен онамга нима деб жавоб беришни билмаяпман. Сен қўрқиб кетган мўаблик аёлни эшитяпсанми? Агар Сен мендан Махлўнни тортиб олсанг, эътиқодимни йўқотишни хоҳламайман. Онамнинг сўзлари эса худди ўткир қиличдай менинг юрагимга санчиляпти. Мени Ўзинг асрагин, эй Эгам! Рут йиғлаб юборди. — Биз биламиз, сен охиригача Махлўн билан бирга бўлишинг керак. Сен бир неча ҳафта Наима билан бирга қолиб, уни овутмоқчи бўлишингни ҳам тушунамиз. Лекин кейин бизникига кел, жоним болам. Отангнинг уйига қайт, сенга бу ерда осон бўлади. Наима ҳам бизга ўхшаб, сенга фақат яхшилик тилайди. Муҳтожликда яшашинг-га ҳеч ҳам ҳожат йўқ. Сен чиройлисан, ёшсан, ҳаётинг ҳали олдинда. Лекин Рут ўз ҳаётини севимли кишисисиз, юрагини унга очиб берган қайнонасисиз тасаввур эта олмайди. У қандай қилиб бир неча ҳафта ичида Наима олдидаги бурчини бажариб бўлади?! Бурч — уларни боғлаб турган ягона нарса эмас, балки меҳр-оқибат, ишончдир. Бир-бирига бўлган ишонч, қолаверса, улар ишонган Худога бўлган севги — уларни боғлаб турган ягона нарса шудир. — Мен Наимани ёлғиз ташлаб кета олмайман. — Ўзингнинг оиланг-чи? Сенинг отанг-чи? Мен-чи? Уйга қайт, Рут. Илтимос, бизнинг олдимизга қайт. Сени бундай муҳтожликда яшашингга тоқат қилолмайман, айниқса шу пайтда… Рут икки ўт орасида қолди: бир томонда ота-онасига бўлган севгиси, иккинчи томондан, қайнонаси билан Ўрфага бўлган севгиси. Агар Махлўн вафот этса, у Наима билан Ўрфадан юз ўгириб, ташлаб кета олармикан? У олдинги ҳаётига қайта олармикан, ота-онасининг ҳайкалдан ясалган худосига сажда қилармикан? Шуни айтиб ўтиш керакки, Рут ота-онаси ишонадиган худога ишонмай қўйган эди. Наима билан Рутни, қариндошликдан ташқари, боғлаб турган восита чуқурроқ эди. Охири шундай бўлдики, Рут қайнонаси эътиқод қиладиган кўринмас Худога сажда қила бошлаган эди. У ота-онасига бошқа эътиқодни қабул қилганини айтганида, ота-онаси унинг устидан кулиб: «Қандай қилиб бу сафсатага ишонасан?! Кўринмас Худо эмиш!» деган эдилар. Рут ота-онасини жуда ҳам яхши кўради, лекин у Наимадан юз ўгира олмас эди, чунки ҳамма ҳақиқатни ундан ўрганди! — Махлон, Наима ва Орфа — ҳаммалари менинг оилам, онажон. Сиз отамга турмушга чиққанингиздан кейин, отам сизга қандай қариндош бўлган бўлсалар, улар ҳам мен учун худди шундай қариндошдир! Онасининг юзи бужмайиб, кўзларидан ёш оқди. Рут онасини қучоқлади. — Онажон, биласиз-ку, мен сизни жудаям яхши кўраман. Мен сизни ҳар доим яхши кўриб қоламан, лекин мен адолатли йўл тутишим керак. — Бу адолатдан эмас! Сен ўзингнинг ҳаётингни барбод қиляпсан! Рут кўрдики, онаси уни тушунмаяпти. Рутнинг ҳаётидаги ҳамма нарса ўзгарди, у энди ёшлик даврларига қайта олмайди. У энди ўзини тутиб олган аёл, унинг қайнонаси, эри ва улар олдида турган мажбуриятлари бор. Энди Рутнинг ҳаёти ўзиники эмас. Агар ҳаёти ўзиники бўлганда эди, у бошқача ечимини топган бўлар эди! Эй Худо менга куч бер! Мен худди илиги тўкилиб бораётган синиқ томирга ўхшайман. У онасига бор гапни рўйи рост айтиши керак, чунки у онасини ёлғондакам умидвор қилиб нима қилади?! — Онажон, мен Наимани ташлаб кетолмайман. Сизнинг ёнин-гизда отам бор, укаларим хотинлари билан бор, оилалари билан сингилларим бор. Агар Махлўн вафот этса, Наима ким билан қолади?! — У билан Ўрфа қолади, — деди онаси қайсарлик билан. — Наима билан Ўрфа қолаверсин! Ўрфа Исроил халқининг Худосига ишонмас эди. У ҳали ҳам бутларга, Аштаретга қилинадиган тутатқиларга ишонади. — Ўрфа меҳрибон, у қайнонасини яхши кўради, фақат у ҳали қайнонамнинг эътиқодини қабул қилмаган. Онасининг жаҳли чиққанидан кўз олди қоронғулашиб кетди. — Нега сен бундай кўринмас Худога эътиқод қиляпсан, шунча воқеадан кейин ҳам-а? Бу — адолатсизлик, сен ўз ҳаётингни шу бахтсиз оила деб қурбон қиляпсан! Агар Наима кетишга қарор қабул қилган бўлса, кетаверсин! Рут, кимнинг Худоси номига улуғвор ибодатхоналар ёки жудаям чиройли байрамлар ўтказилади, деб айтмоқчи бўлдию, аммо энди бу тортишувни давом эттиришни хоҳламади. У онасининг ёнидан нарироқ сурилиб, ўрнидан туриб олди. — Махлўн менга муҳтож. Мен кетишим керак. Онаси ҳам қизи билан бирга ўрнидан турди, кўзларида ёш билан қизини эшик ёнигача кузатиб қўйди. — Рут, илтимос, яна яхшилаб бундан буён нима қилишингни ўйлаб кўр, ҳаётингни барбод қилма! Сендан илтимос қиламан! Рутнинг кўнглида аллақандай туйғулар курашаётгандай эди. Муҳаббат… пушаймон… ғазаб …хижолатлик. У орқасига қараб, онасини қучди. — Мен сизни яхши кўраман, ойижон, — деди титроқ овоз би-лан. — Отамга айтиб қўйинг, мен уларни ҳам яхши кўраман. Рут онасини бағридан бўшатиб, шошилганича чиқиб кетди. У тор кўчалардан ўтиб кетаётиб, юзини шолрўмол билан берки-тиб олди. Чунки унинг кўзидаги ёшни ҳеч ким кўрмаслиги керак эди. * * * Қуёшнинг ботиши, юлдузлар ва ойнинг пайдо бўлиши юракдаги хотираларни эслатади, юракдаги қайғуларини яна янгилагандай бўлади. Кирхарашот кўчалари ҳувиллаб қолган, ҳамма уй-уйига кириб кетган. Наима кичкинагина уйчасида, ўриндиқнинг четида совуқ деворга суяниб ўтирибди, хаёлида алланарсалар унга тинчлик бермайди. Наиманинг иккита келини сал четроқда ухлаб ёти-шибди, аммо у ўзини ёлғиз ҳис қилади. Бу қайғу-кулфатлар уларнинг қаддини букиб қўйди. Иккала келини ҳам эридан жудо бўлган, олдин Ўрфа, кейин Рут эридан айрилди. Лекин улар энг катта қайғуни — фарзанддан айрилишдек жудоликни бошдан кечирмаган, чунки уларнинг фарзандлари йўқ эди. Ўғилларим вафот этишди! Ўғилларим, оҳ жоним ўғилларим… Наиманинг азобдан додлагиси келар, лекин ухлаб ётган келинларини ўйлаб, ўзини тутиб турарди. Қоронғулик ўз ҳукмини ўтказмоқда. Тун Наиманинг қалбига қўрқув, гумон олиб келди. Наиманинг қалбига чироқ ёқсанг ҳам ёришмайди. У пичирлаб ибодат қилар, лекин унинг сўзлари гўё шифтга тегиб, оёқларига тушгандай бўлар эди. У: «Худо менинг сўзларимни бир марта бўлса ҳам эшитганмикан», деб ўйлай бошлади. Худо, ҳеч бўлмаса, унинг илтимосларини эшитганмикан? Наиманинг эътиқодини йўқ қилиб ташлашга тайёр бўлган худди чигирткалар тўдасидай, унинг қалбини шубҳалар қамраб олди. У қўллари билан қулоқларини беркитиб, тишини тишига қўйди. Нега бундай кечалар яратилган экан? Айрим ҳолларда сув қуйгандай сукунат ҳукм сурар, бундай пайтда эса у ҳатто томирларидан қон оқишини ҳам эшитар эди. Бу овоз жала қуяётган шовқиндай эшитилар, гўё бу шовқин унинг хаёлидаги эшикларни очиб, эсидан чиқармоқчи бўлган хотиралар билан тўлдирар эди. Хона марҳум эрининг овози билан тўлди. — Биз Мўабга кетамиз, бу сенга маъқулми ё йўқми? У ерда энди очлик йўқ. — Йўқ, Элималик, биз Байтлаҳмдан кетишимиз керак эмас, бу ер бизнинг уйимиз. — Уйимиз тўзонга айланиб кетяпти. — Агар биз Худога ишониб, унга итоат қиладиган бўлсак, у бизни боқади. — Нима, ҳеч нарсани кўрмаяпсанми? Атрофингга бир қара, эй хотин. Худо биздан юз ўгирган! — Чунки сен ҳам, бошқалар ҳам Баалга сажда қиласизлар! — Баалга сажда қилишимнинг сабаби шуки, у бу юртнинг худоси. — Мусо оталаримизга, бизнинг Эгамиз Худодир, ундан бошқа Худо йўқ, деб айтган. — Охирги пайтларда бу Худо бизга бирон яхшилик қилиб қўйибдими? — гапида давом этди Элималик.— Юртимизда ёмғир ёғмаганига қанча бўлди? Қачон бизнинг ҳосилимиз олдингидан кўп бўлибдики, ҳеч бўлмаса қорнимизни тўйдирадиган?! — Яхшилаб ўйлаб кўринг, хўжайин. Тирик қолишимиз учун Худо бизга етарли нарсани берди. — Гапларинг жонимга тегди. Мен бир ўзим ҳаммамизнинг ташвишимизни қиляпман. Мен бир ўзим эртаю кеч тиним билмай мана шу заранг ерда ишлаяпман, ҳосилим қандай нобуд бўлаётганини кўриб турибман. Менга, Худо биз ҳақимизда ўйлаяпти, деб бошқа гапирма! Қўлларимга қара! Қўлларимдаги қадоқларимга қараб, Худо бизнинг ўғилларимиз ҳақида ғамхўрлик қиляпти, деб айт-чи. Худо узоқдан қараб, бор нарсам, ҳамманики сингари, ҳавога совурилаётганини томоша қилиб, кузатиб турибди. У биздан юз ўгирди! Сен нимани ҳам тушунардинг, ахир, сен аёл кишисан. Мен ўзим тўғри деб билганимни қиламан! Ўша куниёқ Элималик отасидан мерос қолган ерни гаровга қўйди. Уйга келиб, ҳамма нарсаларини иккита эшакка юклаб, Наимани, ўғиллари Махлўн билан Хилйўнни олиб, Байтлаҳмдан чиқиб кетди. У фақат ёр-биродарлари ва қариндошлари билан хайрлашишга имкон топди, холос. У ўз қарорини тўғри деб ўйлади. Қайси бир эркак ўзининг мижғов хотинига қулоқ солар эди? Наима бўлса шубҳа билан сукут сақлаб кетар, ибодат қилиб борар эди. У эрталаб тургандан кейин, кун бўйи — иш вақтида ҳам, кечқурун ётишдан олдин ибодат қиларди. У ибодат қилар, ҳаёти барбод бўлаётганини кўриб, кузатиб турарди. Элималик Мўабда Кирхарашот деган жойда иш топди. У жингалак сочларини, соқолини олдирди, мўабча кийимларини кийди, у, шундай қилсам, ҳаётим яхшиланади, деб ўйлади. У билан бирга Кирхарашотга бошқа исроилликлар ҳам келган эдилар. Улар ҳам бу орзу қилинган ерда очлик тугашини кутишмоқчи бўлдилар. Тез орада шу ерли халқларнинг урф-одатларини ўрганиб, Мусонинг қонунларини ва Худонинг аҳдини эсларидан чиқаришди. Ёзда Элималик вафот этди. — Мен бир оз дам олай. У уйга келиб, кўкраги оғриётганлигидан шикоят қилди. — Эрталабгача тузалиб кетаман. У худди ҳозир Наима ўтирган жойда ўтирган эди, оғриқдан юзларини бужмайтириб, қўлларини ишқаларди. — Наима! Элималикнинг тили тутилиб қолди. Наима эрининг ёнига югуриб келиб, чўкка тушди. — Нима бўлди, жонгинам? Наима эрини тинчлантирмоқчи бўлиб, қўлларидан ушлаб, бағрига босди. — Наима, — деб яна такрорлади Элималик ва пешонасидаги терни артди. — Мен ўзим тўғри деб ўйлаган ишни қилдим. Элималикнинг лаблари кўкариб кетди. Наима унга тасалли бермоқчи бўлиб, қучоқлаб олди. Лекин ҳеч нарса Элималикнинг азобларини енгиллаштирмади. Орадан ўн беш йил ўтган бўлса ҳам, Наиманинг қалбидаги оғриқ яна қайталанди. Эрининг бевақт ўлими, ўтган йили эса Хилйўннинг ўлими Наиманинг азобларини яна ҳам кучайтирди. Бу оғриқ бошқа ҳеч қачон қайталанмаслиги учун қочиб кетиш, беркиниб олиш ёки бу азобларни кўнгилнинг туб-тубига яшириб қўйиш мумкин эмас эди. Наима ҳамма ибодатларини, айниқса жавоб олмаган ибодатларини эслади. У шундай тиришқоқлик билан ибодат қилганки, Худо эримга раҳм қилсин, унинг ҳаётини олиб қўймасин, деб ибодат қилди. Ҳатто Элималик ҳаётдан кўз юмаётган пайтда ҳам унинг кўзи олдида ибодат қилишни давом эттираверди. У эрининг ўлимидан кейин ҳам: «Эй Худо, мендан марҳаматингни дариғ тутма», деб ибодат қилишда давом этди. Ўғиллари отасини мўабликлар орасида дафн қилишди. Бошида Наима Элималикнинг энди йўқлигига ишонгиси келмасди. У: «Мен ёмон туш кўряпман, ҳозир уйғониб кетаман, эрим менинг ёнимда бўлади», деб умид қилар эди. Кейин эса эрини бошқа кўрмаслигини англаб етганда, уни ғазаб қамраб олди. Бу кунлар ҳам ўтиб кетди. Наима ўғиллари билан ўз ризқини топиш билан банд эди. Элималикнинг вафотидан сўнг, ўн беш йил ўтган бўлса ҳам, ора-орада уни бу айрилиқ гангитиб қўярди. Бу оғриқ эрининг вафотидан кейингидек жуда ҳам оғир кечмас эди, лекин умуман йўқолиб кетмаган ҳам эди. Наиманинг фикрича, эрининг ўлимидан ортиқ азоб у учун ҳали бўлмаган. Лекин бу фикр унинг ўғилларининг ўлимидан олдин бўлган эди. Энди эса Наима қайғу ва азоб дарёларига гўёки шўнғиб кетган. У энди ибодат ҳам қила олмас эди. Олдин унда ишонч нури, Худонинг борлиги сезилиб турарди. «Худо мен учун етиб бўлмайдиган даражада», деб ўйларди. Худонинг барча марҳаматлари у учун эмас эди. Унинг барча ибодатлари шамолда тарқалиб кетган тумандай эди. Ҳар бир ибодати шундай эди! Балки Элималик охир-оқибатда тўғри айтгандир. Худо четда туриб, унинг азобларини кузатарди. Эй Парвардигор, қаердасан? Сени қандай топсам бўлади? Наима Худо берадиган жазолари олдида ўзини оқламоқчи бўлди. Ахир, Наима эрига, Байтлаҳмда қолайлик, деб хоҳламаганмиди? Ахир, у Худога ишониш керак, деб илтимос қилмаганмиди? Элималикнинг фикрини ўзгартириб, ўз юртига қайтиб келишлари учун Наима ибодат қилмаганмиди? У эрининг ўлимидан кейин уйига қайтиб кетиш ҳақида ўйламаганмиди? У ўғилларини, Худо ато этган юртимизга қайтиб кетишимиз керак, деб даъват қилмаганмиди? Лекин бу пайтда Махлўн билан Хилйўн ўзларининг ҳаётини ўзлари ҳал қиладиган даражада улғайиб қолган эдилар. «У ерда бизнинг нимамиз бор? Бизнинг уйимиз шу ер». Улар Худодан ва Худо ато этган ердан юз ўгирган. Уларнинг Байтлаҳмдаги уйлари улар учун фақат мудҳиш хотира ва қайғули жойдан бошқа нарса эмас эди. Отаси уларга бу жой ҳақида бир оғиз яхши сўз ҳам гапирмаган. Қандай қилиб уларда у ерга бориш учун хоҳиш бўлсин?! Улар яҳудий қонунлари ва урф-одатлари ҳақида ҳеч нарса билишмасди, чунки отаси ўз бурчини яхши адо этмаган. У ўғилларига Исроил халқи тарихи, Мусонинг қонунлари ҳақида сўзлаб бермаган. Отаси қандай яшаётганини кўриб, улар ҳам шундай йўл тутишарди. Отасининг вафотидан кейин улар Кирхарашот оқсоқоллари ва Хамос худосининг руҳонийларига қулоқ соладиган бўлдилар. Улар хоҳлаган, кўнгиллари тусаган ишни қилардилар, Мўаблик қизларга уйландилар. Ўғиллари Наимани кўп ранжитишди. У нима демасин, ўғиллари учун унинг гаплари аҳамиятсиз эди. Улар онасини яхши кўришарди, лекин фақат у аёл эди, холос. «У нимани ҳам тушунарди?!» Ўғилларининг гапи шунақа эди. Уларни бунга Элималик ўргатган эди. Наима ухлаб ётган келинларига қаради. Шуниси ғалати эдики, энди бу ёшгина аёллар Наиманинг яккаю ягона овунчоғи эди. Лекин бу аёллар ҳақида биринчи марта эшитганда, анчагина хафа бўлганди. Хорижлик, бегона хотинлар! Уят Исроилга! Наима руҳан тушиб кетган. Махлон Рутни, Хилён эса Ўрфани олиб келганда, у ўзини бахтиёр қилиб кўрсатган эди. Наима ҳеч бўлмаса келинлари устидан озгинагина ўз таъсирини ўтказишга умид боғлаган эди. Энди улар ҳам Наимага ўхшаб бева, у учун қадрли эдилар. Умумий қайғудан бошқа нима ҳам одамларни яқинлаштирарди? Наима келинларини қабул қилганда, у бошида яхши алоқада бўлишни хоҳлаган эди, чунки Наима уйда тинчликни сақлашни истарди. У, Ўрфа билан Рутнинг юрагида Исроил Худосига нисбатан ишонч пайдо бўлсин, деб ичида ибодат қиларди. Агарда у келинларини Худо борлигига ишонтира олганда эди, кейинги авлод бўлишига умид боғласа бўларди. Лекин энг охирги умиди ҳам амалга ошмади. Ўтган йили баҳорда Хилён тўсатдан безгакка йўлиқиб қолди. Кейин узоқ касаллик Махлўнни ҳам бу дунёдан олиб кетди. Хилён бир неча кун оғриқсиз, қийналмасдан вафот этди. Лекин Махлўн анчагача қийналиб юрди. Махлўн касал бўлганда, оғриқ асло пасаймади. Наиманинг қўлидан ҳеч нарса келмасди, фақат Элималикнинг тўнғич ўғлини хасталик қандай қилиб умрини тугатиб бораётганини кўриб турарди. У ўғлининг азобларини енгиллаштириш учун эрининг ва ўғилларининг ҳамма гуноҳларини унга беришини сўраб, Худога тинимсиз ибодат қилар эди. Бечора Рут, суюкли ва содиқ Рут! У қанча тунлар Махлўннинг азобларини енгиллаштирмоқчи бўлмасин, охир-оқибат ўзининг ожизлигини англаб, кўз ёш тўкар эди. Баъзида Наиманинг шаҳардан қочиб, далада қичқиргиси келар, сочларини юлиб, бошига кул сепгиси келарди. Махлон яраланган ҳайвоннинг кўзлари каби онасига боқди. У ўлим азобида ва қўрқувдан қийналаётганини Наима кўриб, йиғларди. Наимани бу узундан-узоқ, қайғули кунлар адойи тамом қилган, лекин шунга қарамай, у Махлўнга доим Худонинг марҳамати ҳақида сўзлар эди. Унинг юраги раҳм-шафқат, дея бақирар эди. Рут эрини парвариш қилаётганда, Наима Махлўннинг ёнида ўтириб, унга Мисрдаги Каънон саҳросида Худонинг кўрсатган мўъжизалари ҳақида ҳикоя қилиб берар эди. Энди у Наимага қаршилик кўрсатмас, аммо у Худони излаб, тавба қилишга тайёрмиди? Наима шундай дея ҳикоя қилиб берарди: «Худо исроилликларни Мисрдан олиб чиқиб кетишининг сабаби шу эдики, улар бунга муносиб бўлганлари учун эмас, балки Худо уларни ўзининг халқи деб, танлагани учун олиб чиқди». У Махлўнга Мусо ва унинг қонунлари, халқнинг Элималикка ўхшаб ўжарлиги, Худога қарши қўзғолон кўтарганлиги ҳақида сўзлаб берарди. У Худонинг марҳамати ва ғазаби, аҳд ҳақида ўғлига ҳикоя қилиб берарди. Ўғли ухлаб қолганда, Наима бошини эгиб, ибодат қиларди. Эй Парвардигор… у сўз топа олмасди. Эй Худо, менинг юрагимни синовдан ўтказ… У ибодат қилаверди, қилаверди. Аммо Махлон барибир ҳаётдан кўз юмди. У жон бераётган пайтда, Рут унинг ёнида ўтириб, қўлларини ушлаб турган эди. Унинг нафаси тўхтаганда эса, Рут узоқ нолаю фарёд чекди, бошига рўмол ўради, эрининг юзини беркитиб қўйди. Наҳотки бу йигирма икки кун олдин содир бўлди? Ўрфа, Махлўн энди тинчланди, унинг азоблари тўхтади, дея қайнонаси билан Рутга таскин бермоқчи бўлди. Наиманинг бу таскинларига ишонгиси келар, лекин бунинг бари у учун бўш, асоссиз гаплар эди. Ўрфа Худо ҳақида нимани ҳам биларди? Наиманинг қайғуси шунчалик кўп эдики, гўё бу қайғулари уни шол қилиб қўйганга ўхшарди. У фақат тонг отишини, олдингидек қоронғу бурчакда ўтириб, уйининг олдидан ўтиб кетаётган одамларнинг гангир-гунгурини эшитиб ўтирарди, холос. Ҳаёт қандай қилиб давом этарди, ахир, ўғиллари вафот этган бўлса?! Кўчадан келаётган одамларнинг кулгулари уни хомуш торттирарди. Ҳаётнинг бир хилда жимжитлиги Наиманинг юрагини азобга тўлдирарди. Наҳотки унинг суюкли одамлари бу дунёда шунчалик ҳақир эдиларки, уларнинг ҳаёти Ўлик дарёга ташланган бир ҳовуч қумга ўхшаб, ўзидан кейин сезилмас из қолдирди? Фақат Ўрфа билан Рут унинг қайғуларига шерик бўлди. Кундан-кунга Мўаб билан Кирхарошотга нисбатан Наиманинг нафрати ошиб борди. У бу бегона халқни ёмон кўриб қолди. Пайдо бўлган бу нафрат учун у ўзини-ўзи ёмон кўриб кетарди. Элималик, Хилён ва Махлўн Худо ёқтирмайдиган йўлни танлашгани — уларнинг хатолари эмас эди. Одамларнинг ўйлашича, биронтаси ўз ҳаётини ўзи танлайди, аммо Худо унга йўл кўрсатади. Янги кун келаверади, лекин Наима кўзини юмиб, бу дунёни тарк этгиси келар эди. Лекин орзу қилган тинчлик ўрнига кўзини очиб қараганда, ўзи ҳали тирик, атрофда бўлаётган нарсаларни сезиб турган бўларди. Рут билан Ўрфа секин пичирлаб йиғлаётганларини у эшитиб турарди. Келинлари: «Овқат еб олинг», деб илтимос қилишгандагина, овқат еярди. Улар: «Дам олинг», деб илтимос қилгандагина, ухлашга ётарди. Лекин шунда ҳам ўзини сержаҳл, қўрқоқ, қайғуга ботган, ўзини йўқотиб қўйгандай сезарди. Наима яна эри билан турмушининг биринчи йилларини эслаб, ўйга ботарди. О, у эри билан қилган меҳнатлари ва юртига бўлган садоқати эвазига шодлик, ёрқин келажак ҳақида орзу қилишарди! Эри Наимани «қувончим» деб чақирарди. У Наиманинг ҳомиладорлигини билиб, иккови ҳам қандай бахтли бўлишганини, улар болаларини қандай қилиб кутишганини, биринчи ўғли, кейин иккинчи ўғли туғилганда эса севинчлари ичларига сиғмай кетганини эслади. Наима болаларини юриб кетгунларича, эмизди. У болаларининг ўйин-кулгуларидан, шўхликларидан хурсанд бўлар, улар олдида эканлигидан баҳра оларди. Ўшанда ҳаёт маъноли, қизиқ эди. У болаларининг соғликларидан Худо борлигини сезарди. Ҳозир менда нима бор? Ҳеч нима! Мен энди хурсандчилик нима эканлигини бошқа сезмайман. Байтлаҳмда ҳаёт ёмон эди, лекин улар кетганларидан кейин ҳаёт баттар ёмонлашди. У Элималикка таъсир кўрсатмоқчи бўлди, лекин унинг қўлидан ҳеч нима келмади. У болаларини Худонинг эътиқоди бўйича тарбияламоқчи бўлди. Лекин Элималик: «Мусонинг қонунлари биз учун оғир, тўғри келмайди», деб ўйларди. — Бизнинг йўл — энг тўғри йўл, Наима. Атрофга боқ, Мўобликлар қандай юксалиб бораётганларини кўр. Байтлаҳмда яшовчилар эса ҳалигача ердан ўз егуликларини зўрға суғуриб олишяпти. Элималик қалбининг туб-тубида Худодан юз ўгирганини Наима билар эди. Лекин Наима, бўлди энди, уйимизга қайтайлик, деб айтиш учун бир оғиз сўз топа олмасди. Мана, нега бошимга бундай жазолар келяпти! Балки Элималик билан қаттиқ баҳслашишим керакмиди? Катта ҳакамларга ёрдамга бориб, уялмасдан уйдаги муаммоларни айтишим керакмасмиди? Мен унинг ака-укалари ёнига бориб, ёрдам сўрашим керакмиди? Балки, мен кимнидир — Элималик жуда ҳам ҳурмат қиладиган одамни топиб, уни бу фикридан қайтариб, Худо бизга ато этган ерда яшашимиз кераклигини тушунтириши керакмиди? Агар мен, Байтлаҳмдан кетмаймиз, деб маҳкам туриб олганимда, балки ҳозир ҳаммаси бошқача бўлармиди. Биз ўша ерда қолганимизда, эрим билан ўғилларим тирик бўлишармиди. Наима, бошқача йўл тутсам бўлмасмиди, деб ўйлаб азоб чекарди. У, севимли одамларимга панд берганман, деб ўзини ўзи кечирмайди. Эҳ, нега мен Махлўн билан Хилёнга Худонинг қонунлари муҳимлигини тушунтирмадим? Мен ақллироқ она бўлишим керак эди. Мен уларни ёнимга ўтирғизиб олиб, гапларимни тинглашларига мажбур қилишим керак эди. Уларнинг севгиларини қозонишни йўқотиб қўяман деб, қўрқмаслигим, ундан кўра, уларнинг ҳаётларини қандай сақлаб қолишни ўйлашим керак эди. Энди эса мен уларни бутунлай йўқотдим. Мен ўз ўғилларимни йўқотдим… Эҳ ўғилларим, ўғилларим… Наима жим ўтирар, лекин кундузлари ҳам, тунлари ҳам ич-этини еяр эди. Парвардигор, кечир мени. Мен ожиз эдим, ақл билан иш қилмагандим. Мен осон йўлни танлаб, Элималикнинг орқасидан эргашиб кетдим. Чунки уйдаги тотувлик йўқолмасин, деб ўйлаган эдим. Мен урушқоқ хотин бўлишни хоҳламадим. Эримнинг мақсадларини қўллаб-қувватлашим керак, деб ўйладим. Мен унинг ёрдамчиси бўлмоқчи эдим. Лекин биз ишончсизлик қилсак, Сен бизни қарғишлар ҳақида огоҳлантирдинг. Эй Худойим, мен вафодор бўлмоқчи эдим, шундай бўлишга интилдим. Ҳар куни менинг юрагим Сен ва эрим орасида тилка-пора бўлар эди. Мен нима қилишни билмасдим. Мен эрим ва ўғилларимнинг кетидан юриб, фақат ибодат қилардим, умидимни узмасдим. Ҳар куни ибодат қилиб, улар балки ниятларидан қайтар, Эгам берган юртга қайтамиз, деб ўйлардим. Эй Худо, мен ҳар куни ибодат қилардим, лекин жавоб ололмасдим. Менинг эрим ўлди. Ўғилларим ҳам вафот этишди! Сен менинг кийимларимни ечиб олиб, шип-шийдон қилдинг! Сен мени сув каби тўкиб юбординг! Сендан бошқа менинг кимим қолди, эй Парвардигор! Энди сендан бошқа кимнинг олдига борай?! У инграб у ёқдан-бу ёққа ағдарилди. Рут ўрнидан турди, Наимани қучоқлади. — Онажон сизга ўзим қарайман. Рутнинг меҳрибонлиги Наиманинг юрагини эритиб юборди. У Рутнинг қучоғида ёш болага ўхшаб, йиғлади. Лекин азоблари енгиллашмади, чунки энди Наиманинг хаёлида бошқа нарсалар тинчлик бермас, яна ҳам қаттиқ изтироб чекишга мажбур қилар эди. Ахир, ўғилларининг номини давом эттирадиган болалари йўқ эди-да. Бу бўшлиқ Махлон билан Хилённи бу дунёга умуман келмаганлиги билан баробар эди. Уларнинг исмлари ўзларига ўхшаб, кулга айланиб кетди. Болалар йўқ… ва энди бўлмайди ҳам… * * * Наима кичкина кулбаси эшигидан чиқмаганига ҳам етмиш кун бўлди. Қуёшнинг нурлари унинг кўзини оғритарди. У ўтган кулфатлардан ҳолсизланган, кўп кўз ёш тўккан, бу кўз ёшлари бир хумчани тўлдириши мумкин эди. Йиғи-сиғи билан марҳумларни қайтариб бўлмасди. У энди тирик одамлар ҳақида ўйлаши керак. Рут билан Ўрфа — ҳали ёш, Махлўн билан Хилён учун бир умр аза тутиб ўтишлари ёки ўзларининг ҳаётини ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган кампир учун қайғуриб ўтказишга ёш. Наима эшиги тагидаги курсига ўтириб, бошқаларнинг болаларини кузатаётган эди. Улар кўчада пастликка қараб югуриб кетдилар. Уларнинг кулгуси муюлишга борганларида ҳам Наимага эшитилди. Бу болалар — ҳаёт, унинг ўғиллари эса энди йўқ. Агар у ўйлаганларини амалга оширса, унинг келинларида яна бир имконият бор. Агар Наима Кирхарошотда қолса, келинлари олдингидай у билан бирга яшайверишади. Улар ўлган эрларининг онасига ғамхўрлик қиладиган бўлсалар, ўзларининг гулдек ҳаётларини йўқотади. У қандай қилиб бу гўзал, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизларнинг ҳаётлари мазмунсиз ўтишига йўл қўяди. Наима келинларини жуда яхши кўради. Шунинг учун келинлари бир дона буғдой донини бировлардан ёки дўсту қариндошларидан сўраётганларига у тоқат қилолмас эди. Агар у Кирхарошот ва Мўабдан кетса, келинлари уйларига қайтиб кетишади. Агар улар уйларига қайтсалар, оталари уларга яхши куёв топишларига Наиманинг шубҳаси йўқ эди, чунки улар гўзал, ҳали ёш. Ўшанда Рут билан Ўрфа болалар қандай хурсандчилик келтиришларини тушунадилар. Наима бу яхшиликларни уларга чин дилдан тилаган бўларди. Наима эса ўз уйига — Байтлаҳмга қайтади. Лекин у қариндош-уруғлари ёки дугоналари очликка бардош бера олдиларми ёки йўқми — билмас эди. Эшитишича, очлик аллақачон тугабди. Лекин бунинг нима аҳамияти бор? Наима уйига ошиқарди, Байтлаҳмда қандай кўргуликларга дуч келса, ҳаммасига бардош беради. Агар у хўрланса ёки қолган умрини муҳтожликда ўтказса, бунисига ҳам рози. Ҳеч бўлмаганда у орзу қилган ерда яшашни ўз оёғи билан сезган бўларди. Лоақал Наима ва унинг атрофидаги одамлар унга ўхшаб Худога сажда қиладилар-ку. Эй Парвардигор, илтимос шундай қил. Ўлимимдан олдин хавф-хатарсиз йўллар билан мени уйимга олиб бор. Худойим, мендан марҳаматингни дариғ тутма, мен бахтсиз ва ёлғизман. Менинг аҳволим бора-бора ёмонлашиб боряпти. Мен энди Сенга маъқул бўлган ишларни қиламан. Менга ёрдам бер! Наиманинг ёнидан ўтиб кетаётган қўшнилари ундан ҳол-аҳвол сўрашди. Наима уларга жилмайиб, боши ирғитди. Аммо хаёллари уни бошқа томонларга олиб кетди. Нега мен бу ерда ўтирибман? Мен нимани кутяпман? Худо қандай қилиб Мусо билан гаплашган бўлса, мен билан ҳам шундай гаплашармиди? Мен ким бўпманки, Худо мен билан шу йўсинда гаплашса?! Худо менга катта ҳарфлар билан нима қилишим кераклигини уйимнинг деворига ёзишини кутяпманми? Энди нима қилишим лозимлигини биламан-ку! Мен афсус-надомат билан ўз юртимга қайтаман. Наима қўлларини тиззасига қўйиб, сапчиб турди. Шол рўмолини елкасига ташлаб, уйига кирди. Рут чўкка тушган ҳолича хамирни ёйиб, нон ясаб темир ўчоққа соляпти, Ўрфа эса кийимларни ямаяпти. Иккала келини ҳам қайнонасига қараб, кулиб қўйишди. Наима келинларига қараб, очиқчасига гаплашиб олмоқ учун керакли сўзларни топа олмасдан тараддудланиб қолди. У тескари ўгирилди-да, кийимларини йиғиштира бошлади. Рут ўрнидан турди. — Онажон, нима қиляпсиз? — Кийимларимни йиғиштиряпман. — Кийимларингизни йиғиштиряпсиз? — деб сўради Ўрфа. — Қаерга кетяпсиз? — Уйга. * * * Рут ва Ўрфа Наимага: «Сиз билан бирга Байтлаҳмга кетамиз», деб туриб олишларини у биларди. Жўшқин ёшлар-эй! У келинлари билан баҳслашмади. Чунки улар Мўабни ва ота хонадонини ташлаб кета олмасликларини ўзлари тушунишларини олдиндан биларди. Наима шунга амин эдики, Рут билан Ўрфа Арнон кўлига етиб келишганда, уйларига қайтиб кетишни ўзлари хоҳлаб қоладилар. Наима улар билан озгина бирга бўлади, кейин эса уларни уйларига жўнатиб юборади. Келинлари кетганларидан кейин, Наима уларни бошқа ҳеч қачон кўрмаслигини ўйлагиси ҳам келмас эди. Наима ҳеч қачон келинларини эсидан чиқармайди. Тирик эканки, умрининг охиригача улар учун ибодат қилади. Ҳамма нарса йиғиштириб бўлинганидан кейин, Наима: «Ўрфа олган нарсалар билан тепаликдан қандай тушар экан», деб ўйлаб қолди. Бечора қиз! У бирон нарсани ҳам қолдиргиси келмади. Турмушга чиққандан кейин йиққан нарсаларини, ҳатто темир курсичани ҳам елкасига ортиб олди. Ўрфа хафа бўлганидан йиғлаб юборди. — Мен курсича билан гиламни ҳам олиб кетмоқчиман. Рут эса фақат ўзи тиккан чиройли белбоғлар билан тугунни, тери билан асални, яна дон билан бир неча кунга етадиган майизли нонни олди, холос. — Қолган нарсаларинг қани, Рут? — деб сўради Ўрфа. — Мен керакли нарсаларни олдим, холос. Онажон, менга қозонни беринг. У сиз учун оғирлик қилади. Агар мен буни кўтариб олсам, бугун кўпроқ йўл босишга улгурамиз. Наима қўшниларига: «Ўрфа билан Рут бир-икки кундан кейин қайтиб келишади», деб айтди. Унинг уйида қолган буюмларига ҳеч ким эгалик қилмаслигига амин бўлиши керак эди-да. Чунки келинлари уйга қайтиб келиб, уйни ва уйдаги бошқа нарсаларни сотиб, пулини тенг иккига бўлиб олишларини мўлжаллаган эди. Уни бу ерда ҳалол йўл билан ишлаб топган бойликлари қизиқтирмасди. Мўаб, филист ва Мисрнинг зеб-зийнатлари ўрнига, Наима ўз халқининг оддий нарсаларини афзал кўрди. Элималик совғаларга катта эътибор берарди, шунинг учун Наимага кўп совға берарди. Лекин булар Байтлаҳмда кераксиз эди. Наима: «Рут ҳамма нарсаларини Ўрфага беради», деб хаёл қилди. О, жоним қоқиндиқ Рут! Бой отасини айтмаганда, ниҳоятда қалби кенг-да. Отаси эса уни уйига қайтиб келишини хоҳлайди. Наима Рутнинг отасини ҳам яхши билади. Шунинг учун у Рутга: «Бошқа бой савдогар ёки шоҳ қасрида хизмат қиладиган эр топиб қўйган бўлса керак», деб ўйларди. Рутнинг эри ўз ўғли эмас, бошқаси бўлишини ўйлаб, Наиманинг юраги сиқиларди. Қизиқ… Ўрфанинг ҳаёти билан Наима шунчалик қизиқмади. Балки Рут қайнонасининг чинакам Худо борлиги тўғрисидаги сўзларига ишонгани учун бўлса керак. Наима Рутнинг юрагида Худога бўлган ишонч куртаклари борлигини сезганда, роса хурсанд бўлган эди. — Рут, кеча ота-онангни кўриб келдингми? Рут «йўқ» дегандай бошини сарак-сарак қилди. — Нега? Улар кетаётганингни билишлари керак-ку. — Улар сиз билан бирга эканлигимни билишади. — Мен Байтлаҳмга қайтиб кетаётганимни улар билишадими? — Менинг онам сизни бу ердан кетади, деб айтдилар. Мен уларга: «Агар қайнонам кетсалар, мен барибир эримнинг оиласига тегишлиман», деб айтдим. Наима бошқа бу ҳақда гапирмади. У фақат қуритилган дон тўла кичкина халтачани, сув солинган мешни чарм халтани кўтариб олган. Чарм халта ичида сандал дарахтидан ясалган кичкина қутича бор эди, қутичанинг ичида эса қимматбаҳо тошлар бор эди. Байтлаҳмга борганда, бу тошларни руҳонийга Худога назр қилиб беради. Наима шаҳар дарвозасидан чиқди. Қаршисидаги йўлни кўриб, ўзини енгил ҳис қилди. Йўлда қандай қийинчиликлар учрамасин, у ҳеч бўлмаганда Канъонгача етиб олади. Наима орқасига қарамасди. Ўрфа орқасига қараб овоз чиқармай йиғлар, Рут эса Ўлик денгизга олиб борадиган йўлга тўғри қараб, хурсанд ҳолда кетарди. — Онажон, саёҳатимизнинг бошланиши ёмон эмас, бугун кун яхши. Кун секин ўтиб борарди, иссиқ, жазирама қуёш тиккага келди. Наима юрагида умидсизлик пайдо бўла бошлаганини ҳис қилиб турарди. Бир оздан кейин у келинлари билан хайрлашади. Эй Раббим, менга куч ато эт, токи уларнинг бахт-саодатини мен ўзимдаги ёлғиз қолиш ваҳимасидан устун қўяй. Худойим, менга бўлган меҳрибонликлари эвазига уларга марҳамат қил. Уларни уйларига элтувчи йўлларини ўзинг асра, улар ёлғиз кетганларида, куч ато эт. Туш пайти бўлганда, улар терафим дарахти[3] остида дам олгани тўхтадилар. Наима Рут берган майизли нон билан бир пиёла сувни олди, Ўрфа эса ҳеч нарса истамади. У ерга қараганича, жим ўтирарди. Рут ўтириб, юзидаги терни артди. У чарчаган кўринар, лекин у ўзидан кўра кўпроқ овсини ҳақида ташвишланарди. — Ўрфа, ўзингни яхши ҳис қиляпсанми? — Мен озгина дам олай, кейин ҳаммаси яхши бўлади. Наима шундай бўлмаслигини сезиб турарди. У келинларини уйларига жўнатиб юбориши керак. Улар кеч тушгунча уйларига етиб борадилар, ҳали вақт бор. Наима овқатини тез еб бўлди-да, ўрнидан турди ва Рут кўтариб келаётган тугунларни орқасига ортди. — Нима қиляпсиз? — деб сўради Рут, у ҳам ўрнидан турди. — Бу ёғига бир ўзим кетаман. — Йўқ, онажон! Ўрфа ҳам Рутнинг ёнига турди, Наиманинг гапига эътироз билдириб, йиғлади. — Кетманг! Илтимос, кетманг! Наиманинг юраги эзилиб кетди, лекин у сўзида қатъий туриб олиши кераклигини билиб турарди. — Уйларингга, оналарингнинг ёнига қайтинглар, орқамдан борманглар! Худонинг ўзи сизларга марҳамат қилиб, яхши куёвлар берсин. Рут йиғлади. — Йўқ! — деб бошини силкитди. — Йўқ, йўқ… — дея олдинга бир қадам ташлади: — Биз халқингиз ёнига сиз билан бирга кетамиз. — Мен билан бирга кетиб нима қиласизлар? — деди Наима. Унинг овози ушлаб турган ҳиссиётлари туфайли кескин бўлиб чиқди. У олдинги оҳангини қайтаришга ҳаракат қилди, лекин ҳаракати беҳуда бўлди. — Ахир, мен сизларга яна эр бўладиган ўғиллар туғиб бера олармидим?! Йўқ, қизларим, ота-оналарингнинг уйларига қайтинглар, чунки мен қайтадан турмушга чиқиш учун жуда кексайиб қолдим. Бунинг иложи бўлди, мен қайтадан турмушга чиқдим ва бугун кечқурун ҳомиладор бўлдим, дейлик. Хўш, бундан бирон нар-са ўзгариб қолармиди? Сизлар туғиладиган болаларимнинг улғайишини кутиб юрармидингизлар? Сизлар турмушга чиқмасдан, кутиб юришингиздан бирон маъни чиқармиди?! Йўқ, албатта кутиб юрмайсиз! Менинг аҳволим сизларникидан ҳам баттар ёмон! Негаки Худойимнинг қўли менга етиб келди. Рут билан Ўрфа баттар ҳўнграб йиғлашди. Охири, Ўрфа қайнонасини қучиб, деди: — Наима хола, мен сизни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. Худойим йўлингизни бехатар қилсин. — Мен ҳам сени ёдимдан чиқармайман, — деди Наима ва уни ўпиб қўйди. — Сенинг йўлинг ҳам бехатар бўлсин, жон қизим! Ўрфа тугунини олиб, Кирхарашот томонга бурилди. Озгина юриб тўхтади-да, орқасига қаради. — Сен кетмайсанми, Рут? Рут «йўқ», дея бошини чайқаб, имо билан жавоб берди, кўзлари жиққа ёшга тўлди: — Мен қайнонам билан кетаман. Ўрфа тугунини ерга ташлади, Рут билан хайрлашгани орқасига қараб югурди. — Опажон, ростданми? — Қарорим қатъий! — Илтимос… — Йўқ. Менсиз кетавер. Мен қайнонам билан бирга кетаман. Ўрфа «алвидо» дегандай нигоҳ ташлаб, йўлида давом этди. Ўрфа улардан йироқлашиб кета бошлади. Наима унинг узоқлашишини куза-тиб туриб, Рутга қаради. Кекса аёл қўлини Кирхарашот томонга чўзди. — Мана, овсининг ўз халқи орасига, ўзининг худоларига қайтиб кетяпти. Сен ҳам шундай қилсанг яхши бўларди, қизим. Рутнинг кўзидан дувиллаб ёш оқди, лекин жойидан бир қадам ҳам силжимади. — Сизни ёлғиз ташлаб уйимга кетмайман, ҳеч қачон бундай қилмайман! — Мен қандай қилиб сенга, мени ташлаб кетма, деб айтаман, жон болам?! — Наима қизга яқин борди. — Рут, қизалоғим, гапларимни эшитдингми? Мен сени Байтлаҳмга олиб кетиб, ҳаётинг меникига ўхшаб бахтсиз бўлишига йўл қўя олмайман! Сен фарзандсиз, эрсиз ўтишинг керакми?! Ўрфа билан бирга боргин. Ота-онангнинг ёнига қайтгин, жон қизим! — Йўқ! — дея йиғлаб туриб олди Рут. — Мен сизни ёлғиз қолдириб ўзим кетмайман! Сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман! Наиманинг юрак-бағри эзилиб кетди. — Вой, жоним қоқиндиқ, нима деяётганингни ўйлаб кўргин. Менинг халқимнинг ҳаёти, сен ўйлаётганингдай, енгил эмас. Биз муқаддас кунларга, Шаббат кунларига риоя қилиб, шу кунлари йўл юрмаслигимиз керак. Олдимизда эса икки минг чақирим йўл турибди. — Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман! Ҳақиқат қанчалик аччиқ бўлмасин, Наима Рутнинг дилига озор бермасдан, барча ҳақиқатни айтиб бериши керак эди. — Биз мажусийлар билан бирга тунни ўтказмаслигимиз лозим бўлади. — Сиз қаерда яшасангиз, мен ҳам ўша ерда яшайман. — Биз олти юзта аҳдни бажаришга риоя қилишимиз керак. — Сизнинг халқингиз нимага риоя қилса, мен ҳам ўша аҳдга риоя қиламан, онажон. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, дейман! Наима елкасини қисди. — Бизда қилинган гуноҳлар учун ўлимнинг тўрт хил тури бор: тошбўрон қилиш, бўғиб ўлдириш, оловда ёндириш ва қилич билан ўлдириш. Қабул қилган қарорингни яхшилаб ўйлаб кўр! Рут бирон жавоб бермади, лекин Наима Рутнинг халқи билан ўзининг халқи ўртасида катта фарқ борлигини тушунтиришга ҳаракат қиларди. — Бизнинг халқимиз ўлганларни қабрларга кўмишади. — Мени ҳам ўша ерга кўмишаверсин. Рут тиз чўкиб, Наимани бағрига босди. — Сиз қаерда вафот этсангиз, мен ҳам ўша ерда вафот этиб, кўми-ламан. Наима келинини ўзидан нарироқ итаришга ҳаракат қилди, лекин Рут қайнонасига яна ҳам қаттиқроқ ёпишиб олди. Агар ўлимдан бошқа нарса сизни мендан айирса, майли, Худо мени жазоласин! Наима йиғлаганича, қўлини Рутнинг бошига қўйиб силади. Кекса аёл нигоҳини осмонга қаратди. Наима: «Бу ёш мўаблик қиз мени деб ҳамма нарсасидан воз кечади», деб ўйламаган эди. У нигоҳини ерга қаратиб, оҳистагина Рутнинг бошини силади. — Сен ота-онангни, опа-укаларингни бошқа кўрмаслигингни тушуняпсанми? — Ҳа, — деб Рут бошини кўтарди. Кўзидан оққан ёшлар унинг юзида из қолдирган эди. — Агар сен уйингга қайтиб борсанг, ҳаётинг енгил бўлармиди. — Онажон, мен сизни қандай қилиб ташлаб кетаман, ахир! Сиз-нинг гапларингиз ҳақиқат! — у йиғлаб куйиниб гапирарди. — Илтимос, сизни ташлаб кетишимни сўраманг! Мени йўлдан оздирманг! Мен сиз билан кетаман! Сизнинг Худойингиз менинг Худойим бўлади. Бундай гаплардан кейин Наима нима ҳам дея оларди?! У, Рутнинг юраги Исроил Худосига мойил бўлсин, деб ибодат қилмаганмиди?! Мана, минглаб қилинган ибодатлардан бири эшитилди. — Ўзингни бос, қизим, — деди Наима ва Рутнинг қўлларини белидан бўшатди, келинига табассум билан қаради, унинг кўз ёшларини артди. — Майли, ҳаммаси Худо хоҳлаганидай бўлсин. Қандай қийинчиликлар, хурсандчиликлар бўлмасин, бирга баҳам кўрамиз. Рут енгил нафас олди, унинг кўзлари бу гаплардан чақнаб кетди. — Мен сизнинг ҳар бир сўзингизни ёдимда тутаман, чунки айтаётган сўзларингиз мен учун керакли эканини тушунаман. — Мен онамнинг қабиласидан нимани ўрганган бўлсам, сен ҳам ўша нарсаларни мендан билиб оласан. Нимани билсам, ҳаммаси сеники бўлади. Мен сенга билган нарсаларимни бажонидил ўргатаман. Наима шуни билар эдики, ўғли билан Рутнинг турмушидан бошқа кўпроқ нимадир Наиманинг юрагидан Рут алоҳида ўрин эгаллашига сабаб бўлди. Энди Наима: «Халқим Рутни фазилатига яраша баҳоласин-да», деб, ибодат қилади. Худойим, Сен мени ёдингдан чиқармадинг. Мен бир ўзим ҳеч қачон уйга қайтиб бормаслигимни билар эдинг. Сен мени ёлғиз қолдирмадинг. — Кетдик, — деди Наима, қўлини Рутга узатиб ўрнидан туришига ёрдам берди. — Уйга етиб боргунимизгача бизни узоқ саёҳат кутяпти. * * * Рут: «Байтлаҳмга келганимиздан кейин, қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин», деб бу ҳақда ўйламас ҳам эди. Ҳар куни уларнинг саёҳати шунчалик қийинлашар эдики, Наиманинг юртида Рутни кутаётган ташвишлар уни безовта қилишига имконият йўқ эди. Махлўн касал бўлиб ётган кунларда, у қўрқувда яшади. Лекин Махлўн барибир дунёдан кўз юмди. У эрини севарди, аммо Рут уни сақлаб қола олмади. Махлўнни сақлаб қолиш учун қилган барча ҳаракатлари зое кетди. Эрини йўқотиш қўрқуви унинг ўлими олдини олмади. Қўрқув эрининг ўлимидан кейин барча қийнчиликларни енгиб, оиласи учун нон топиши учун имкон бермаслигини тушуниб етди. Махлўннинг ўлимидан кейин Рут энди бошқа ҳеч қачон унинг нафсини қўзғатадиган нарсалар ҳақида ўйламасликка қатъий аҳд қилди. Унинг келажаги худди шунга ўхшаш нарсалардан иборат эди. У Худо берган ҳаётни ва ҳаётдаги қийинчиликларни қатьият билан кутиб олади. Наима буни англаб етмаса ҳам, тез-тез Рутга тасалли берарди. «Худо биз ҳақимизда ғамхўрлик қиляпти», ўтган кеча шундай деб айтди. Рут уйқусиз қаттиқ ерда юлдузли осмонга қараб ётиб, Наиманинг гапларини ўйлар эди. Худо биз ҳақимизда ғамхўрлик қиляпти. Наима бошидан кечирган кулфатлардан кейин ҳам Наиманинг Худога бўлган эътиқоди кучли эканини Рут тушунди. Бу аёлнинг куч-қудрати қизни хотиржам қиларди. Худо биз ҳақимизда ғамхўрлик қиляпти. Қайнонаси айтган бу гапларга ишониш кераклигини тушунди, чунки бу ҳақ гап эди. Рут Махлўннинг уйига келганидан буён Наимани Кирхарашот одамларидан фарқ қилишини кўрди. Биринчи фарқ — Наиманинг кийинишида бўлиб, дарров Рутнинг эътиборига тушди. Наима мўобликлар орасида яшаётганига шунча йил ўтган бўлса ҳам, у худди яҳудий аёлларига ўхшаб кийинади. У буни ғурури баландлигидан, атрофимда яшаётган бошқа одамлардан ортиқман, деб ўйлаганидан қилмас эди. Унинг бори шундай эди. Рут яна Наиманинг Худога бўлган чуқур эътиқодини кўрди. Бошида у қайнонасининг узоқ сукут сақлаганидан хавотирда эди. Чунки ўғли ўзига хотин танлаб олганидан мамнун бўлмаганга ўхшайди, деб ўйлади. Лекин Махлўн Рутга, сен хато ўйлаяпсан, деб айтди. — Улар ибодат қиляптилар, — деди Махлўн елкасини қисиб. — Мен эсимни таниганимдан бери ойим тинмай ибодат қиладилар. Хавотир олма. Уларнинг ибодатлари ҳеч кимга зиён етказмайди. Ойимга эътибор берма. Лекин Рут қайнонасига эътибор бермаслиги мумкин эмасди. Бу аёл учун ибодат қанчалик муҳимлигини Рут кўриб турар, булар ҳақида билгиси келарди. У яширинча қайнонасини кузатадиган бўлди. Баъзида Наима ўзининг Худоси билан гаплашаётганда, хурсанд бўлиб кўринар, баъзида эса унинг юзида қайғу-ғам кўриниб турарди. Ҳар куни эрталаб, кундузи ва албатта кечқурун Наима бошига рўмол ўраб, жим бўлиб қоларди. Бир куни Рут:«Ибодат қилганингизда нималар дейсиз?» деб сўради. Наима табассум билан жавоб берди: — Ҳамма нарсани сўрайман, — унинг кўзлари маъюс кўринарди. — Кўпроқ ўғилларим учун сўрайман, — дея Рутга яқинлашди, унинг кўзларида меҳр уйғонгани шундоққина кўриниб турарди. Наима Рутни бағрига босди, — Қизларим учун ҳам сўрайман. Қайнонасининг меҳрибон боқишларидан Рутнинг кўзларига ёш келди. Наиманинг фикрлари у учун жуда муҳим эди, чунки Махлўннинг онаси уни ҳайратга соларди. Наима меҳрибон, мулойим эди. У барча уй ишларини ҳалоллик билан тақсимлаб берар, ўзи ҳам бошқалар билан тенгма-тенг ишларди. У иккала ўғлини бирдай яхши кўрарди, Ўрфа билан Рут бошқа эътиқодда бўлганига қарамасдан, уларни худди ўзининг қизларидек яхши кўрарди. Гарчи Наима Махлўнга алоҳида таъсир қилмаса ҳам, қайнонаси чуқур билимли донишманд аёл эканлигини Рут сезиб турарди. Рут ҳам бундай ҳислатлар ўзида бўлишини чин дилдан истарди. Лекин у қайнонасининг қайғуларини ҳам кўриб турарди. Кирхарашотда Наима ҳеч қачон ўзини уйидагидек ҳис қилмаган, уни ўраб турган одамлар орасида эркин эмас эди. Буларнинг ҳаммаси унинг Худоси билан боғланган. Рут қайнонасининг ёнига бориб, бу ҳақда гаплашишга ботина олмас эди. Бу саволлар билан у эрига мурожаат қиларди. Махлўн ўз халқининг Худоси ҳақида озгина нарса айтиб бера олган эди, холос. У ўз Худоси ҳақида кам нарса билгани кўриниб турарди. — Нега сен Худо билан қизиқиб қолдинг? — Наҳотки мен сенинг ўғилларингга Худо ҳақида айтишим керак бўлмаса? — Агар хоҳласанг уларга Хамос ҳақида айтиб беришинг мумкин. Менга фарқи йўқ. Мен шуни аниқ биламанки, менинг онам уларга Яҳве тўғрисида сўзлаб берадилар. Энг муҳими, болаларимиз ҳамма динга нисбатан сабр-тоқатли бўлсалар бўлди. Кирхарашотда муваффақият қозониш учун бу — ягона йўл. Махлўннинг назарида битта худонинг бошқа худолардан ҳеч қандай афзал томони йўқ эди. Наима ҳам ён бермас эди. У бошқа эътиқодларга ҳурмат билан қарар, ҳеч қайсисидан нафратланмас эди, лекин ўзининг Яҳве эътиқодига итоат этарди. Рут қайнонасига қаради, уларнинг бошлари тагида ёстиқ ўрнига тошлар қатор қилиб терилганди. Рут пиширган нонларни икковлари едилар. Орадан бир оз вақт ўтгандан кейин Наима ухлаб қолди. Қуёш ботди, ҳаво салқин бўлиб қолди. Рут ўрнидан туриб, аста Наиманинг устини ўзининг шолрўмоли билан ёпиб қўйди. Бу саёҳат қайнонаси учун оғир бўлаётгани дарров билиниб қолди. Махлўннинг ўлимидан кейин, Наима бир неча ҳафта давомида деярли овқат ейиши ёмон бўлган эди. Рут, қайнонам бу қайғулардан ўзини олдириб, чўкиб қолмаса эди, деб қўрқарди. Шунинг учун у Наиманинг иштаҳасини очиш учун ҳам мазали қилиб димланган гўшт тайёрларди. Ҳозир эса бугунги жисмоний зўриқиш унинг иштаҳасини бўғиб қўйган эди. Наима кун давомида йўл босиб шунчалик чарчаган эдики, ҳаттоки овқат еяётганда кўзлари юмилиб кетаверди. Қизиқ, Рутга худди уларнинг ўрнилари алмашиб қолгандай туюлар эди. Наима ёш бола каби, у эса онаси каби эди. — Лекин мен бунга қарши эмасман, — деб пичирлаб эгилди Рут ва қайнонасининг юзидан ўпиб қўйди. Ёш аёл қайнонасининг пешонасига тушган гажакли қора сочларини силади. Рут озгина қалтираётган Наиманинг ёнига ўтирди, уни қучоқлаб олди. Узоқдан Наво тоғи кўриниб турарди. Эрталаб Наима Рутга Мусо шу тоққа чиқиб вафот этганлиги ва Худонинг халқига раҳнамолик қилишни Ёшуага топширганлиги ҳақида айтиб берган эди. Шу воқеадан кейин тез орада исроилликлар Иордандан ўтиб, Канъонни эгаллаб олишди. Худонинг яҳудийларга қилган марҳаматлари тўғрисидаги воқеаларни Рут Наимадан тинглашни ҳуш кўради. У Худонинг чексиз қудрати ва Унинг ўзгармас севгиси ҳақидаги тарихий воқеаларни эшитса, унда аллақандай ширин туйғулар пайдо бўлар эди. Рут кўзларини юмиб, юзини осмонга қарата кўтарди. — Худойим, Сенинг қулинг Наима учун ғамхўрлик қилишимга ёрдам бер, — деб пичирлади. — Фақат Наима деб мен Сенга имон келтирдим. Илтимос, қадамимизни, уйга элтувчи йўлларимизни ўзинг асра. Эй Эгам, агар мен жуда ҳам кўп нарса сўрамаётган бўлсам, шундай қилгинки, Наиманинг эски дўстларининг юрагини юмшатгин, Наимани яхши кутиб олишсин, уни яхши кўрадиган, ҳурмат қиладиган инсонлар ҳозир ҳам шундай қийин вақтларда унга далда беришсин. Иккинчи боб Кунлар узун, ҳаво иссиқ, қуруқ. Рут эрта турди-да, Наимани уйғотди. — Қуёш чиқди, онажон, — деб одатдаги гапини гапирди. — Иссиқ тушгунча қолмай, ҳозироқ йўлга чиқайлик. Улар олдинга қараб жим кетишди. Қуёш қаттиқ қиздирганда, улар дам олиш учун салқин жой қидиришди. Наима одатдагидек чарчаб, мудраб, кейин ухлаб қолди. Рут эса пастликка — йўлга қараб, уларни қандай келажак кутаётганлиги ҳақида ўйлар эди. Улар Арнон дарёси водийсигача етиб келишди. Бу водий Рувим қабиласи яшайдиган ҳудуднинг жанубий чегарасида жойлашган. Иккалови Дибон, Ишбон ва Абу Ситтимга олиб борадиган шоҳ йўлидан ғарбга қараб юрдилар. Ҳар бир шаҳардан ўтганларида Рут йўл-йўлакай ўзи тўқиган белбоғларини озиқ-овқатга алмаштирар ва йўлни сўраб кетар эди. — Ерихон йўлидан юрманглар, — деди саримсоқ ва пиёз сотаётган аёл. — Тоғларда қароқчилар яшириниб юришибди, йўлдан ўтган йўловчиларга ташланяпти. Бу йўлда сен ёлғиз юришинг хавфли. — Мен ёлғиз эмасман. Мен қайнонам билан бирга кетяпман. — Иккита аёл-а? Унда сизлар бозорга — туя бозорига тушиб, бирон-бир савдогарни топинглар. Агар у рози бўлса, унинг карвони билан кетганингиз маъқул. Ерихон йўлларидан ҳозир ҳеч ким ёлғиз юрмайди, ҳамма соқчилар билан бирга юришади. Агар сизлар ёлғиз кетсангизлар, сизларни қароқчилар тутиб олиб, қул қилиб сотиб юборишади. Рут шаҳар деворлари ёриғидаги вақтинча тўхтаган кичкинагина қароргоҳига келди. Наима ўтга қўйиб қиздирилган метал тунукада патир нон пиширяпти. У эпчиллик билан учли айри таёқчада нонни ағдаряпти. — Мен энди хавотир ола бошлаган эдим, — деди Наима бошини кўтармасдан. — Кечиринг, онажон, — деб жавоб берди Рут чўккалаб ўтиркан. — Мен қайтиб келиб, сизга нима қилишим кераклигини айтишим керак эди. Бозордаги бир аёл, тоғларда қароқчилар бор, улар тоғлар орқали кетадиган одамларга ҳужум қилишади, деб айтди. Шунинг учун мен, ёрдам сўрасак яхши бўлар экан, деб билдим. Биз эртага карвонларга қўшилиб олиб, улар билан Ерихон йўлларидан бирга кетсак, дегандим. Савдогарлар карвонбошиси Бенямин қабиласидан экан, қуролланган соқчилари ҳам бор экан. Улар билан биз хавф-хатардан йироқ бўламиз. Наима тинчланди. У нонни чўпга илди-да, тунукадан олиб, четга қўйди. — Мен ўзим бу ҳақда ўйлашим керак эди. У ҳам чўккалаб ўтириб, юзини қўллари билан беркитди. Рут нонни олиб, иккига бўлди. Ярмини Наимага узатди. Наима эса бошини қимирлатиб қўйди. — Сиз ейишингиз керак онажон. Сизга куч керак. Наима юзини қўллари билан ёпиб туриб, бирдан йиғлаб юборди. — Нега мен хавф-хатар тўғрисида ўйлаб кўрмадим? Мен ҳатто келинимга бирон кор-ҳол бўлиб қолиши мумкин-ку, деб ҳам ўйлаб кўрмабман. Сени мен билан кетишга аҳд қилганингда, нимани ўйлаган эканман-а! Мен худбин кампирман! — Сиз мени орқага қайтармоқчи бўлдингиз, — деди Рут табассум билан. — Лекин бунинг уддасидан чиқа олмадингиз. Хавотирланмасликка ҳаракат қилинг. Биз хатардан йироқда бўламиз. Наима бошини кўтарди. — Қари бева аёлга нисбатан ёш аёлни хатар кўпроқ пойлайди. — Биз иккимиз учун ҳам бу саёҳатимиз хатарли, эҳтиёт чораларини кўришимиз керак. Менимча, ўша савдогарга ишонсак бўлади. — Бизнинг замонимизда ҳеч кимга ишониб бўлмайди. Рут яна нонни қайнонасига узатди. Наима нонни олиб, хомуш ўтирганича кичкинагина бурдани синдириб, оғзига солиб чайнади. Рут Наимага қараб кулиб турарди. — Сиз менга, Худони севадиганларни Унинг Ўзи паноҳида асрайди, деб неча марта айтган эдингиз. — Уни рад этганларни жазолайди. Наиманинг кўзлари ёшга тўлди. Рут билардики, бу гаплардан кейин Наима Элималик, Махлўн ва Хилён ҳақида ўйлайди. Рут эри ҳақида эслаганда, унинг юрагида бир оғриқ қайталанар эди. Эри жуда ёш эди, у ҳали кўп умр кўриши мумкин эди. У эрига болалар туғиб беришни орзу қиларди! Унинг авлодини давом эттирадиган ўғилни хоҳлар эди. — Мен чарчадим, — деди Наима йиғлаган ҳолда. — Билмадим, мен уйга етиб бора олармиканман. Бу тоғларни мен энди яхшилаб эсладим. Қандай қилиб унутишим мумкин, ахир, саёҳатимиз оғир машаққатлар билан кечган эди-да. — Агар чарчасак, дам оламиз. — Карвон эса бизсиз кетиб қолади, — деди ғамгинлик билан Наима. — Унда биз бошқа карвон билан кетамиз. — Агар қароқчилар бизга тажовуз қилишса… — Йўқ! — деди Рут. У ўрнидан туриб, Наиманинг ёнига келиб ўтирди ва унинг қўлларини ушлади. — Онажон, бу ҳақда ҳатто ўйламанг ҳам. Агар сиз бу тўғрисида ўйласангиз, биз ҳеч нарса қилолмаймиз. Яхшиси, тоғнинг нариги томонидаги Байтлаҳм ҳақида ўйланг, бизнинг уйимиз ҳақида ўйланг. Агар биз ёмон ҳодисалар тўғрисида ҳадеб гапираверсак, бизни қўрқув қамраб олади, биз олдинга бир қадам ҳам ташлай олмаймиз. Илтимос, менга Худо ҳақида гапириб беринг. Ундан кўра, Худо саҳродаги минглаб одамларнинг қорнини тўйгазгани ҳақида сўзлаб беринг. У қандай қилиб «мармар тоғни тешиб, сув булоғини очган»лигини гапириб беринг, ибодат қилинг, — дея Рут йиғлаб юборди. — Худодан бизга шафқат қилишини сўранг. Наима сесканиб кетди, қизнинг кўзларида афсус-надоматни кўрди. У Рутнинг юзларини силади. — Айрим ҳолларда мен бу ҳақда унутиб қўяман, — унинг кўзлари ёшланди. — Кўпинча ўзимда ҳозир нима борлиги ҳақида эмас, тез-тез йўқотилган нарсалар ҳақида ўйлаб кетаман. — Сизда мен, менда эса сиз борсиз, — деди Рут. — Бизда эса Худо бор. Бизни кутаётган воқеаларга рўпара бўлишимиз учун шунинг ўзи етарли. Сиз мени шунга ўргатгансиз. — Менга бу тўғрисида тез-тез эслатиб тур. * * * Эртаси куни пешиндан кейин улар карвон билан бирга Иоардан ўтишди. Наима чарчаб дарахт тагига ўтирди. — Мен бошқа юра олмайман. Рут қайнонасини яхшилаб ўрнаштириб ўтқизди-да, унга сув олиб келди. — Сиз дам олиб ўтириб туринг, мен Ашир Бан Хадарга миннатдорчилик билдириб келай. Рут карвон эгасининг олдига келганда, энг охирги туя дарёдан ўтиб бўлган эди. Рут савдогарга боши ерга теггудай бўлиб таъзим қилди. — Бизни ўзингизнинг карвонингиз билан кетишга рухсат берганингиз учун, сиздан кўп миннатдорман. — Сизлар бизни дарров ташлаб кетяпсизларми? — Менинг қайнонам кучлари етгунча шунчалик узоққа юра олдилар, энди бу ёғида унинг кучи етмайди. Биз дам олиш учун дарёнинг ёнида қоладиган бўлдик, эртага эрталаб яна йўлимизни давом эттирамиз. — Афсус, биз кечқурун водийда тўхтаймиз. Биз билан бирга кетсаларингиз, сизлар хатардан йироқда бўлар эдингизлар. — Қилган яхшиликларингиз учун Худонинг Ўзи сизларни паноҳида асрасин, йўлларингиз бехатар бўлсин. Савдогарнинг юзи ғамгин бўлиб қолди. — Сизларни ҳам Худонинг Ўзи асрасин. Савдогар орқага қайтиб келиб, туясига ўтирди. Туяни таёқ билан нуқиб, миср тилида ёрдамчисига нимадир деб буйруқ берди. Туя ўрнидан турди, орқага, олдинга тебранганда, худди йиқилиб тушаётгандай бўлди. Савдогар карвон бошига етиб келганда, Рут яна унга таъзим қилди. Рут дарё бўйидаги дарахт ёнига етиб келганда, Ашир Бан Хадарнинг ёрдамчиларидан бири унга етиб олди-да, қоп билан катта мешни берди. — Менинг хўжайинимдан сизга ҳадя, — деди ёрдамчи хирилдоқ овоз билан, кейин олдинга қараб югуриб кетди. Рут табассум билан Наиманинг ёнига келиб ўтирди. — Қаранг, Худони ким севса, У севган бандаларига тамо беради. Наима мешни аста ерга қўйиб, секингина ютинди. Унинг кўзлари ҳайратдан катталашди. — Янги соғилган эчки сути! Рут кулди, қопни очиб, сахийлик билан қилинган тортиқни кўрсатди. — Майизли нон экан, онажон. Бир неча кунга етади. Ўзимизда қолган донлар билан Байтлаҳмгача етиб оламиз. Улар овқатланиб бўлиб, дам олиш учун ётишди. Қуёш Ерихон тоғлари ортида аста ботиб борарди. — Бу ерга яқин жойда Ёшуа ўз халқини шу ердан олиб ўтаётганда, Худо Иордан дарёси сувини тўхтатиб қўйган экан, — деди Наима хотиржамлик билан. — Онамнинг айтишларича, Мусо Наво тоғининг Фисга чўққисигача чиқиб, шу ерда вафот этган экан, халқ эса Мусо учун ўттиз кун аза тутишган. Ёшуа эса Худонинг Руҳи амрига итоат этиб, халқни анави ерга олиб борди, — деди у ва ўзлари борган жойни — Ситтимни кўрсатди. — Улар ўша ерда, Худо энди бизга нима буюрар эканлар, деб айтишни кутишган экан. Ёшуа халқни Иордан қирғоғига олиб келибди. Худо сувни тўхтатибди ва одамлар дарёнинг қуруқ еридан ўтишган экан. Менинг ота-онам ҳам ўша куни Канъонга келганлар билан бирга эканлар. Улар Гилгалга қароргоҳ қуриб, шу ерда Фисиҳни нишонлашган экан. Рут дарахт соясида туриб, йўлга қаради, Наима айтганидай, Исроил халқи шу йўлдан юрган экан. — Анави ердаги тошлар қандай тошлар? — Қайси тошлар? — деб Наима ўрнидан турди. — Ҳар бир одам Иордандан ўтганда, Худо Ўз халқи учун қилган ишларини шу тошлар эслатади. Бу ўн икки тош — бобомиз Ёқубдан тарқалган ўн икки қабиладан биттадан одам олиб ўтган тошлардир. Анави сувда жимирлаб турган нарсани кўряпсанми? Ўша ерда руҳонийлар муқаддас Аҳд сандиғи билан турганларида, халқ дарёни кесиб ўтган ва ўша ерга яна ўн икки тош қўйишган. Наима Рутнинг орқасига туриб, ўзлари келган йўлларни унга кўрсатмоқчи бўлди. — Ҳув анави ерда Рувим, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми томонидан қурилган қурбонгоҳ бор. Иордан дарёсининг бу томонида яшовчи қабилалар шу қурбонгоҳни деб уруш бошлашларига озгина қолди. — Нега? — Иорданнинг ғарбий қирғоғида яшаган қабилалар, бу қурбонгоҳ қурбонликни батамом куйдириш учун, шунингдек, бошқа худолар учун қурилди, деб ўйлаган эканлар. Лекин бу қурбонгоҳ шунга гувоҳ қилиб қўйилганки, Рувим, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми «Худонинг улуши»га эгадирлар. Бу ёдгорлик эса биз қариндош эканлигимиздан далолат бериб туради. Наима ота-онасидан эшитган бу тарихий воқеаларни қуёш ботиб, юлдузлар осмонда пайдо бўлгунча давом эттираверди. Наиманинг халқи йиллаб саҳрода ўтказган кунларни, Худо ўз халқини қутқариб, тўғри йўлга бошлаш учун қилган ишларини Рут катта иштиёқ билан тинглади. Наима ухлаб қолганда Рут осмонга қаради, юрагида хотиржамлик сезди. Албатта, Худо Ўз исёнкор халқини саҳрода қутқарган, энди У Наимани ҳам сақлайди. Эртаси куни улар водийга келишди, тунни хурмо дарахти остида ўтказишди. Тоғнинг этагида Ерихон тишга ўхшаб қорайиб, алоҳида ажралиб турарди. Қачонлардир азим бўлган шаҳар ҳозирда қора тошлар уюмига ўхшаб, калтакесак ва илонлар маконига айланган. Бироқ шунга яқин жойда — булоқ атрофида кичикроқ, лекин гуллаб-яшнаётган манзилгоҳ бор. У ерда истиқомат қилувчилар Қуддусга олиб борадиган, тоғ йўлларидан ўтадиган саёҳатчиларга хизмат қилиб кун кечиришарди. Ерихон йўлларига қадам босишлари билан, Рут тўхтовсиз ибодат қилиб, йўлни диққат билан кузатиб юрарди. Худойим, бизни Ўзинг асра. Бизни Ўзинг сақла, бизнинг қадамларимизни ўзинг йўлла. Карвон аёлларни қувиб, етиб олди. Рут назоратчи билан гаплашди. Карвонбоши, икковингиз ҳам бизнинг шийпонимизда тунни ўтка-заверинглар, деб рухсат беришди. Эртаси куни эрталаб Рут Наимани шошилтирмади. Гарчи карвон олдинга илгарилаб кетиб, узоқ-узоқларда кўздан йўқолиб кетди. Аммо Рут қайнонасининг қадамига қараб қадам босди. — Эй Раббим, бу тоғлардан ошиб ўтишимиз учун бизга ёрдам бер, — деяр эди Рут пичирлаб ҳар куни кечқурун кўзини юмишдан олдин. Кундан-кунга йўл баландга кўтарилиб, қийинлашиб борар, кунлар иссиқ, егулик эса камайиб борарди. Наима чарчади, Рут унинг юкларини олди. Қайнонаси ғамгин аҳволга тушиб қолган пайтларда, Рут ундан Байтлаҳмда ўтган ёшлиги ҳақида сўрар эди. Бу гаплар билан йўлни давом эттириш учун, унга далда бериб, олдинги ғайратини тиклашга ҳаракат қиларди. — Онажон, ҳар бир кунимиз бизни Байтлаҳмга яқинлаштиряпти. — Бизни у ерда нима кутяпти? Мен танийдиганлардан биронтаси ҳозир тирик қолмаган бўлса керак. — Балки сизнинг хаёлингиздан кўтарилиб қолган дўстларингиздан у ерда ҳали бордир. — Мени ҳам унутиб юборишган бўлса керак, — деб Наима йиғлаб юборди. Қаттиқ чарчаб ҳолдан тойган пайтларда у тез-тез йиғлаб турарди. — Қашшоқлик — мана мен сенга уйда таклиф қила оладиган нарсам. Байтлаҳмда бизни қабул қиладиган бирон кимса йўқ. У қўллари билан юзини ёпиб, ҳиқиллаб йиғлаб юборди. — Орқага қаранг, биз қанча йўлни босиб ўтдик, — деди Рут оғир юкни кўтарганча қийналиб нафас оларкан. — Қара, биз яна қанча йўлни босиб ўтишимиз керак. Фақат тепага ва яна тепага. Ҳар доим тепага қараб юришимиз керак. Рут атрофга қаради. Дам олиш учун маъқул келадиган жой йўқ. Йўлни давом эттиришдан бошқа иложи ҳам йўқ эди. У Наима билан бирга йиғлашга тайёр эди. У кун бўйи оғир қопларни кўтариб юрганидан, беллари оғрир, кўзига қум кириб кетган, томоғи сувсизликдан қақраб кетган. Рут бўйнига ип билан осиб юрган кичкина шишачани қўлтиғига қисиб юрарди. Идиш Махлўнга бўлган севги ва ҳурмат эвазига тўкилган кўз ёши билан тўлган. Рут идишни қўлидан ташлаб, кўзларини юмди. — Онажон, Худо бизнинг азобларимизни кўриб турибди. У бизнинг муҳтожлигимизни ҳам кўриб турибди. — Лекин у қаерда? Рут лабларини тишлаб олди, акс ҳолда умидсизлик ва аламдан дод деб юборгиси келарди. У маъюсликка тушишни эп кўрмади. Агар у шундай қилса, унда Наиманинг ҳоли нима кечади? — Рут, мен бошқа юра олмайман. Менга энди жуда ҳам оғир. Мен бошқа юра олмайман! Мени шу ерда ташлаб кетавер, тинчгина ўлай. Мен бошқа бардош бера олмайман! Мен жуда ҳам чарчадим. Рут қопларни бир елкасига осди, бошқа қўли билан Наимани ушлаб, унга ёрдамлашди. — Сиз юришингиз керак. Яна озгина. Биз тунни ўтказиш учун бирон жой топайлик, ўша ерда дам оламиз. — Лекин эрталаб ҳам аҳволим шундай бўлади. Мен касалман, ҳолдан тойганман. — Онажон, биз етиб оламиз. — Биз етиб бордик, ҳам дейлик, лекин нима ҳам ўзгарарди?! — деди умидсизланиб Наима. У оёқларини аранг судраб босар, у гўё Рутнинг қўлига осилиб кетаётгандай эди. — Менинг юртим ҳам, уйим ҳам йўқ. Эрим, ўғилларим ҳам йўқ. Бизни нима кутяпти? Рут кўз ёшларини аранг тийиб, жавоб берди: — Мен бизни нима кутаётганлигини билмайман. Аммо Худо бизга ёрдам беради. Охири Наима бир сўз айта олмайдиган бўлиб қолди. У йўлни зўрға давом эттирар, тобора қуввати кетар, дам оладиган бирон гўша топмасалар, чўзилиб қолишлари ҳеч гап эмасди. Худойим, илтижо қиламан: бизга ёрдам бер! Улар йўлнинг муюлишидан ўтганларида, Рут тоғ чўққисида катта дарани кўриб қолди. — Яна бир неча қадам, — такрор-такрор шундай деб, Наимага далда берарди. Дара кенг бўлиб, икки аёл тунни ўтказишлари учун бемалол экан. Наима инграб ерга чўкди, катта тошга суянди. Рут юзини буриш-тириб, елкасидаги юкларини ташлади, қайнонасининг ёнига ўтир-ди. У елкасини қимирлатиб, мушакларини ёзиб, оғриқларни кетказмоқчи бўлди. — Биз деярли чўққидамиз, — деди Рут бошини муздай тошга қўйиб. — Эртага Қуддусда бўламиз. Наима жим ўтирарди. У оғир нафас олар, кўзларини юмиб олган, қаттиқ зўриқишдан юзлари оқариб кетган. Рут ўрнидан туриб, тўшакни ёзди, майизли нонни ўртасидан тенг иккига бўлди. — Тамадди қилиб олинг, кейин ўзингизга келасиз. Наима нон тўғрамини олиб оғзига солди-да, секин чайнай бошлади. Қайнонасининг кўзларидаги ялтираётган ёшни Рут кўрди. — Агар насиб қилса, биз эртага Байтлаҳмда бўламиз, — деди Наима қўлларини тиззасига қўйиб. — Байтлаҳм Қуддусдан узоқ эмас. Рут табассум билан Наиманинг қўлларини ушлади. — Онажон, сиз ўзимнинг уйимдаман, деб ҳисоблайверинг. Наима кўзларини юмди, кўз ёшлари чанг босган юзларидан оқиб тушди. Рут Наимага яқинроқ ўтириб, уни бағрига босди. Наима келинининг елкасига бошини қўйиб, бир неча дақиқадан кейин ухлаб қолди. Худойим, Худойим… Рут бошқа нима ҳақида ибодат қилишини ҳам билмас эди. Уқаттиқ чарчаганидан, бирор фикр хаёлига келмасди, лекин қўрқувни ҳис қилмасди. Худойим, бизни шу ерга олиб келганинг учун Ўзингга шукр. Илтимос, бизни энди тарк этма. Рут шуни билардики, чинакам синовлар энди бошланаётган эди. Кундан-кунга Наима тобора Рутга боғланиб қолаётган эди. Рут бунга қарши эмас, лекин уни бошқа ташвиш безовта қиларди. Улар Байтлаҳмга келганларидан кейин, уларнинг ҳоли нима кечади? Учинчи боб Байтлаҳмгача озгина йўл қолганда, Наимада қаердандир янги куч пайдо бўлиб, ғайратига-ғайрат қўшилиб, тезроқ уйига етиб олгиси келди. Қуёш чиқмасдан улар ўрниларидан туриб, йўлга отландилар. Улар йўлда-ги энг охирги маррани енгиб ўтишлари керак эди. — Энди яқин қолди, жуда ҳам яқин қолди, — деди Наима. Қуёш чиққанда улар Қуддус ёнидаги йўлдан кетаётган эдилар. Байтлаҳмга қадам қўйганларида, ҳали эрталаб эди. Шаҳар марказидаги қудуқ ёнида бир талай аёллар тўпланиб турган эканлар. Улар гаплашиб, ҳангомалашиб, хонадондаги эҳтиёжлар учун сув олиб кетардилар. Улар Наима билан Рутни кўрдилару дарров тўпланиб, секин шивир-шивир гапга тушдилар. Наиманинг асабийлашаётганини Рут сезиб турарди. — Онажон, юринг. Балки сиз улардан биронтасини танирсиз, мен эса мешни тўлдириб олишим керак. Аёллар орасидан бир кексароғи бошқалардан ажралиб чиқди. — Наимамисан? Наҳотки бу сен бўлсанг? Наима қошларини чимириб, хушламаётгандай бошини қуйи солди. Рут меҳрибонлик билан қайнонасининг қўлини оҳиста ушлади. — Сизни унутишмабди, онажон! Байтлаҳмда сизнинг дўстларингиз ҳали ҳам бор экан. — Бу Наима-ку! — дея кекса аёл унинг ёнига келиб, қўлларини чўзди. — Наима, қайтиб келибсан-да! Аёллар Наимага яқин келар эканлар, қаттиқ ҳаяжонланиб, шовур-шувир қилишарди. Рут бир оз орқага чекинди. Қайнонасини унутмасдан, яхши кутиб олганлари учун Худога ҳамду-санолар айтди. Наимани шунчалар шод-хуррамлик билан кутиб олишди, балки энди унинг руҳи кўтарилиб кетар. — Наима, сен юзлаб чақирим йўл юргандай кўриняпсан. — Шунча йиллардан бери қаерда эдинг? — Сенга нима бўлди? Рут Наиманинг хавотири ортиб бораётганини кўрди. Қайнонаси атрофига қаради, у гўё бу аёлларнинг саволларидан қочиб кетишга имкон қидираётгандай эди. — Сизлар кўч-кўронингизни хачирларга юклаб, Байтлаҳмдан кетаётганларингиз ҳали ҳам шундоққина кўз олдимда. — Сизларга нима бўлди? Қайнонаси нима ҳақида ўйлаётганини фақатгина Рут кўз олдига келтира оларди. Наима ўз уйида — Байтлаҳмда, лекин тирикчилик учун ҳемири ҳам йўқ. У дўстларининг орасида, лекин унга нисбатан дўстлари фақат қизиқувчанлик ва ачиниш билан қараяптилар, холос. Рут Наима тўғрисида қайғуриб, нима қиларини билмас эди. Балки у аёллар тўдасига ёриб кириб, қайнонасига далда бериши керакдир? Ёки бу иши вазиятни ёмонлаштирармикан? Аёллар Наиманинг атро-фини ўраб олишган, Рут фақат уларнинг орқаларини кўриб турарди. Лекин ҳақ гапни айтганда, ҳеч қайси аёл Наимага эътибор билан қарамасди, балки улар Наимага душманлик кўзи билан қарашарди. Улар Наиманинг бу ерда пайдо бўлиб қолганидан ҳайратланаётганларини ҳеч ҳам яширмас эдилар. — Эринг Элималик қани? — Баланд бўйли, келишган йигит эди-да. Улар Наиманинг яқинда бўлиб ўтган мудҳиш кўргуликлардан яраланган кўнглини яна тирнаб, унга саволлар ёғдиришарди. — Ўғилларинг бор эди-ку, улар қани? — Улар албатта Мўабда қолишган! — Махлўн билан Хилён қани? Улар ҳаммалари бир-бирларига гап бермай савол ёғдирар, уларнинг кучайиб бораётган қизиқишлари Наиманинг қайғуларига бориб тақаларди. Рутга келадиган бўлсак, аёллар унга умуман қизиқиш билдирмасдилар, унга ҳатто эътибор беришни ҳам истамасдилар. Наима Рутни, Байтлаҳмда сени қабул қилмасликлари ҳам мумкин, деб олдиндан огоҳлантирганди. — Менинг халқим сенга келгиндига қарашгандай қарашади. Лекин энг ёмони сенинг қиёфангда мўаблик аёлни кўришади. Рутнинг ташқи қиёфаси унинг қайси миллатга мансублигини аниқ кўрсатиб турарди. Унинг кийимлари бу аёлларнинг кийимларидан, ҳатто терисининг ранги буғдой ранглиги билан улардан ажралиб турарди. Унинг кийим алмаштиришга пули йўқ, албатта рангини ҳам ўзгартира олмасди. Бу аёллар Рутни қабул қилишлари учун вақт керак эди. — Сен, кимдир мени уйига таклиф қилади, деб умид қилма, — деди Наима Рутга. Яҳудийлар мусофирларни ўз уйларига таклиф қила олмасдилар, чунки масхара бўлишни хоҳламасдилар. — Оҳ Наима-эй, — деб аёллар Элималикнинг, Махлўн ва Хилённинг оламдан кўз юмганларини эшитиб йиғлашди. — Сенинг дард-аламларинг шунчалик кўпки, буларга бардош бериш анча мушкулдир. Улар гўё Наимадан ўзларини тортгандай, гангигандай, хижолат бўлиб ўзларини йўқотгандай туюларди. Балки аёллар Наимага ёрдам қўлини чўзишга шошилмаётган бўлсалар керак. Чунки Наима-нинг бошига тушган кулфатлар бирон йўл билан уларнинг бошига ҳам келиши мумкинлигидан чўчишаётган эдилар. Рут олдинга тўпланганларга қараб юриб борар экан, ўзига йўл очиб юрди. Наимага яқин келди, чунки у Рутни кўриши керак эди. — Энди мени Наима[4] деб чақирманглар, — деди Рутнинг қайнонаси, — мени Марой[5] деб чақиринглар. Чунки Қодир Эгам менга мана шундай мусибатлар ёғдирди, — деб нола қилиб йиғлади. — Мен бу ердан бадастир бўлиб чиқиб кетгандим, Худо эса мени қуп-қуруқ қайтарди. Нега сизлар мени Наима деб чақиришларинг керак, ахир, Худо мени азобларга гирифтор қилган бўлса, Қодир Эгам менга бундай қайғуларни юборган бўлса?! Эҳтимол Наима бу аёллардан узоқда кўп вақт яшагандирки, унинг қайғуларини чин дилдан баҳам кўришга лоқайдликлари кўриниб турарди. Ҳамдардлик билдиришларига қарамасдан, улар Наимага тасалли бера олмаётгандай эдилар. Ҳаяжон ва ҳайратдан улар бир-бирларига қараб, жим туришар эди. Рут яна олдинга қараб қадам босди. Наиманинг нигоҳи Рутга тушди, қайнонаси энди тинчланганини Рут сезди. — Рут, вой Рут, кел ёнимга. Рут қайнонасига яқинлашганда аёллар унга йўл беришди, «тағин бу бирон жойимизга тегиб кетиб, биз ҳам ҳаром бўлмайлик», деб ўзларини четроққа олишди. Улар энди Рутдан жирканмасдилару лекин очиқчасига димоғдорлик билан уни кузатардилар. Наиманинг юзлари лов-лов ёнарди. Наҳотки Наима биринчи марта Кирхарашотга келганда, мўобликлар унга ҳам шундай қараган эдилар? — Бу менинг келиним, исми Рут. Махлўннинг беваси, — деди Наима унинг қўлини ушлаб. Рут Наиманинг титраётганини сезди. Наимани ҳаммасидан ҳам қўрқувга солаётган нарса ҳозир содир бўлаётган эдими? У қўни-қўшниларига келинини — мўоблик аёлни таништириши қўрқинчли эдими? Наима Рутни келиним деб таништиришдан уялармиди? Таништирув бу аёллар учун фақат дастак, яъни Наиманинг ўғилларидан бири албатта Худодан юз ўгириб, бошқа диндаги хотин олганлигидан далолат берарди. Рут: «Қайнонам мени деб яна ҳам қаттиқ азоб чекади», деган нохуш хаёлга борди. — У мўаблик. Бу сўзлар худди лаънатдай эшитилди. — Ўша ерда туғилган, — деб қўшиб қўйди Наима. — У шу ерда қолмоқчими? Рут ҳеч қачон ўзини бундай тасодифий инсондай ҳис қилмаган эди. Наима даҳанини озод кўтариб, келинининг қўлидан маҳкам ушлади. — Ҳа, у шу ерда қолади. У мен билан бирга яшайди. — Наима, нима қилаётганингни ўйлаб кўр! — Агар Рут бўлмаганда, мен тирик қолмаган бўлар эдим. — Лекин энди сен ўзингнинг қавминг билан биргасан. Ўзга ерликни ўзининг юртига жўнатиб юбор. Қонунимиз бу ҳақда нима дейишини ўзинг яхши биласан-ку! Наима астагина бурилиб, вужудига зўр берди. — Мисрдан бизнинг ота-боболаримиз билан бирга мисрликлар ҳам чиқиб кетган эдилар-ку! — Биласанми, улар бизга қанчалар ёмонликлар қилишганини! — Бегона халқдан бўлган аёллар — Худо лаънатлаганлардир! — Улар эрларимизнинг юракларини Худодан юз ўгиртирадилар. — Етар бас! — деди Наима. — Наҳотки мен Худо пайвандлаган нарсани кесиб ташлайман?! Рут мен билан бирга кетишни истади. У ўзининг ота-онасини, опа-укаларини, ҳамма нарсаларини ташлаб, Байтлаҳмга келиб, мен билан бирга Худога сажда қилишни маъқул кўрди. Ҳамма бир лаҳза жим қолди. Лекин Рут шуни тушундики, бу гаплар аёлларга Рутни қабул қилишлари учун кифоя эмас эди. Рут улар сингари ҳаёт кечириши керак. Бу аёллар шунга амин бўлишлари керакки, Рут ота-онаси ўрнига Наимани, ўз халқининг бутлари ўрнига уларнинг Худосини маъқул кўрибди. Вақт. Буларнинг ҳаммаси учун фақат вақт керак. — Сизлар Фисиҳ байрамига келдингизлар. Сен бизнинг орамизда эканлигинг яхши бўлди. Шу гапларни айтиб, аёллар тарқала бошладилар. Рут билан Наима қудуқ олдида ёлғиз қолдилар. Рут секин йиғларди. — Мен сизни шарманда қилдим. Мени деб, уйингизга қайтганингиз оғир кечди. Балки мен келмаганимда, ҳаммаси бошқача бўлармиди? — Йўқ, — деб ҳорғин овозда бақирди Наима. — Мен бу ердан кетишимдан олдин қандай аҳволда бўлганим уларнинг ёдида. Менинг эримнинг доимо омади чопарди, мен хурсанд бўлишимга сабаб бор эди. Мен улар билан бирга қўшиқ айтиб, чақчақлашар эдим. Ҳозир эса менинг аянчли ҳолатим уларни ташвишга соляпти. Менинг бошимга шунча кўргуликлар тушган бўлса, уларнинг фикрича, бундай кўргуликлар уларнинг бошига ҳам тушиши мумкин. Бу эса тасалли бермайдиган фикр. — Онажон, сиз яна улар билан бирга қўшиқ айтиб, чақчақлашиб ўтиришингиз мумкин. Наима бошини қимирлатди. — Мен бу ерда кимнидир топаман, деб ўйламаган эдим. Лекин бундай учрашув… — у бошини қуйи эгиб, ерга қаради. — Ҳеч ким, менга ҳеч бўлмаса бир бурда нон ёки бир қултум мусаллас ҳам таклиф қилмади. — Бунинг ҳаммаси мени деб бўлди. — Наҳот сен ҳамма айбни ўзингга олишинг керак? Мен Мўабда йигирма йил яшадим. Мен бутпараст халқ орасида яшадим, ўзга ерликлар, яъни ўғилларим уйланган хотинларига уйимнинг эшигини очдим. Яҳудийларнинг кўзларида мен ҳам сен каби булғанган, ҳаром бўлиб кўриняпман. Балки улар ўйлагандан ҳам кўп булғангандирман, чунки мен ҳақиқатни билардим. Наиманинг кўзлари ёшга тўлди. — Оҳ, жонгинам. Сен менинг борлиғимсан. Сен мен учун Худонинг марҳаматисан. Рут, Байтлаҳмда бизни ҳеч ким қабул қилмайди. Бизнинг урф-одатларимиз шундай. Биз ўзимиз ўзимизга йўл очишимиз керак, — унинг юзидан дурдай кўз ёшлари оқди. — Эртага Фисиҳ. Мен эса унутибман. Қандай қилиб мен бундай улуғ кунни унутиб қўйдим-а? Халқимнинг энг улуғ байрами, мен эса… Рут қайнонасини қучоқлади. Рут Наимани бағрига қаттиқ босиб, худди хафа бўлган болани юпатгандай унга тасалли берарди. Барча аёллар ўзларининг уйлари эшикларидан мўралаб, шу вақтда кузатиб турганларини Рут билиб турарди. Наима ҳис-туйғуларини бо-сиб олган бўлса ҳам, Рут уни бағрига босиб турарди. Чунки бу кекса аёлни ҳимоя қилишни истарди. — Биз бу ерда қолиб яшаш учун бирон жой топамиз. Яхши уйқудан кейин бўлиб ўтган ҳамма воқеалар бу оламда бошқача, яхши бўлиб кўринади. Рут яшириб қўйган жойидан — тугунининг энг тагидан танга олди. У карвонсарой эгасига шу тангани бермоқчи бўлган эди, у одам кескин рад қилди: — Сен учун меҳмонхонада жой йўқ. Рут орқасига қайтиб, Наимани ниҳоятда толиққан, ғамгин ҳолда кўрди. Ҳақиқатдан ҳам уни Марой деб чақирса арзир эди. Рут ҳеч қачон қайнонасини бундай хафа ҳолда кўрмаган эди. — Биз нарироққа борамиз, — деди Рут. — Нарироқда — йўлнинг пастида яна битта меҳмонхона бор. Лекин у ердан ҳам тунагани жой топа олишмади. Вақт ўтиб борарди. Рут ўзлари учун Байтлаҳмда жой йўқлигини англади. — Биз юлдузлар остида ҳам ухлаган эдик, — деди у қайнонасининг кўнглини кўтариб. — Бу ердан бир оз нарида эримга қарашли ер бор, — деди Наима шаҳардан чиқиб кетаётиб. — Шу ўртада ғорлар ҳам бор. Чўпонлар қиш ойларида бу жойни эчкиларга қўра сифатида ишлатишади. Бу пайтда эса улар подаларини олиб кетган бўлади. Улар ер эгалари билан ҳосил йиғиштириб олинган далаларда молларини ўтлатиш учун шартнома тузишади. Катта ғорларни чўпонларнинг оилалари эгаллаб олган экан. Бошқа, қаровсиз қолган ғорларда эса бева-бечоралар яшар эдилар. Бироқ Рут билан Наима битта бўш ғорни топишди. Бу ғор подалар учун кичкина, лекин икки аёл яшаши учун етарли эди. Наима ғорни кузатаётганда, Рут кўрпа-тўшакларини ёйиб, дам олишлари учун тўшаётган эди. Машаққати саёҳат ниҳоясига етган бўлса ҳам, Рут қайнонасининг азоблари оғир саёҳат пайтидагидан ҳам чуқурлашиб, ортиб кетганини сезди. Қайнонаси ҳар доим ватанидан узоқда яшаганида, уйга қайтишни орзу қилар, шундай етишмовчиликда бўлса ҳам яшашга рози бўларди. Эгнидаги кийими ва керакли нарсалар: сандал, чойшаб ва сувдан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам рози эди. Уларнинг егуликлари тугай деб қолган, уларга ҳамдардлик билдирадиган қариндошлари йўқ эди. Наима ғорнинг энг ичкарисигача кирди, қоронғу барчакка жойлашиб, тошга суяниб ўтирди. Унинг юзида умидсизлик акс этиб турарди. Рутга шуниси қизиқ эдики, ҳозир қайнонаси нимани эслаяпти экан — ўша ҳаётни, яъни у эри ва ўғиллари билан шу шаҳарни ташлаб кетаётган пайтларни эслаяптимикан? Афсус-надомат, айбдорлик ҳисси йўқотилган пайтларни эслатиб, аламини баттар қилмаяптимикан? «Мен бу ердан бадастир бўлиб чиқиб кетгандим, Худо эса мени қуп-қуруқ қилиб қайтарди…», — деди Наима кудуқнинг ёнида. Рут атрофга боқди. Махлўн ёш пайтида бу жойлар қандай бўлгани унга қизиқ эди. Эри билан боғлиқ хотиралар унинг хаёлини қамраб олди. Бечора Махлўн! У вафот этганда ҳали ёш эди. Ўзи билан бирга ҳамма орзу-умидлар ҳам ўлди. Энди ҳеч қачон унинг исмини кўтариб юрувчи ўғил бўлмайди. Лекин Рут бу тўғрида кўп ўйлашга ўзига ижозат бермайди. Бу хотиралар уни куч-қудратидан маҳрум қилади, у Наимага ёрдам бера олмай қолади, чунки Наима унинг ёрдамига муҳтож эди. Сен кимгадир кераклигинг, фойданг теги-ши — бу жуда ҳам яхши. Рут чуқур нафас олди. — Онажон, баҳор келиб қопти. Гулларнинг ҳидини сезяпсизми? — Фисиҳни нишонлашимиз учун бизда ҳеч вақо йўқ, — деб маъюсланиб гапирди Наима. — Мен Байтлаҳмга қайтиб бориб, керакли нарсаларни сотиб оламан. — Қайси пулга? Сен садақа сўрайсанми? Ёки сен ўзингни сотасанми? Улар сенга ҳеч нарса беришмайди. Улар сенга қандай ёмон кўз билан қарашганини ўзинг кўрдинг. Бизга бўлган муносабатларини унутганинг йўқдир. — Бизда озгина пул қолган. Наима унга тикилиб қаради, кўзларига ёш келди. — Агар пулимиз тугаса, нима қиламиз? — Худо бизга ёрдам беради. — Худо биздан юз ўгирган! — деб Наима ғор ичига тикилди. — У мени ёдидан чиқарган. У бошидан рўмолини тортиб, ҳўнграб юборди. Рут қайнонасига қўшилиб йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлади. У раҳмдил, лекин кучли ҳам бўлиши керак. — Онажон, биз энди уйдамиз. Биз сизнинг халқингиз орасидамиз. Худойим бизга шу ерга келишимиз учун ёрдам берди, энди буёғига яшаб кетишимиз учун ҳам ёрдам беради, — Рут қўлларини Наиманинг тиззасига қўйди. — Биз Худога ишонишимиз керак, деб ўзингиз айтгандингиз, биз албатта шундай қиламиз. Сиз Худони чин дилдан, кучимиз борича, бутун онгимиз билан севишимиз керак, деб айтгандингиз. Биз албатта Худони шундай севамиз, — у тўхтаб қолди. — Энди менга айтинг, Фисиҳ учун бизга нималар керак бўлади? Наима бошидан рўмолини ечди, унинг кўзлари йиғидан шишиб кетган эди. — Мен ҳатто эслолмайман ҳам. Мўабда узоқ вақт яшадик. Мана шу вақт давомида Элималик Худонинг Фисиҳ байрамини нишонламай қўйган эди. Мен эса унинг бу ишига ҳеч кўниколмаган эдим. Рут Наиманинг ёнига ўтирди, қўлларидан ушлаб, силади. — Сиз ҳаммасини ёдингизга туширасиз. Сиз кичкина қизалоқ бўлганингизда, байрам қандай нишонланганини менга айтиб беринг. Наима гапиргани сари, тинчланиб, ҳаммасини ёдига тушира бош-лади. — Бизга Фисиҳ учун қўзичоқ, тахир ўтлар, пиёз, шам ва дон керак бўлади. Фисиҳнинг эртаси куни хамиртурушсиз нон байрами бошланади. Бунга ҳамма нарса кетади… — Бизда ҳаммаси бор. — Ўша ҳамма нарса тугагандан кейин нима қиламиз? — Бугунги кун билан яшайверамиз. Келажагимиз ҳақида Худонинг ўзи ғамхўрлик қилади. Наима йиғлаб, бошини қимирлатди. — Бундай ишончни қаердан ўргандинг? Рут унга қараб, кулиб қўйди. — Албатта, сиздан. Бошқа кимдан бўларди?! Рут Байтлаҳмга бориб, қолган тангаларига керакли нарсаларни харид қилди. Айтгандай, бу тангалар уларнинг тўйида бош кийимига қадалган эди. У ҳамма керакли нарсаларни олиб, орқасига қайтди. Шаҳардан ўтаётиб, у мешни сувга тўлдириб олди. Сув учун пул тўлаш керак эмас эди. * * * Фисихнинг эртаси куни Рут охирги қуритилган донларни Наимага берди. — Мен Байтлаҳмга бораман, бир оз егулик сотиб олишим керак. — Қайси пулга? Бизда ҳеч нима қолмади-ку. — Менда у-бу нарсалар бор, — дея Рут қўлидаги иккита тилла билкузугини ечди. — Оҳ, йўқ, қизим! Сенга буларни Махлўн совға қилган! — Мен тирик эканман, Махлўнни ҳеч қачон унутмайман, — деди Рут ва Наиманинг қонсиз юзларидан ўпиб қўйди. — Наҳотки сизнинг ўғлингиз оч қолишимизни хоҳлар эди?! Сиз дам олиб ўтиринг. Мен иложи борича тезроқ қайтишга ҳаракат қиламан. Рутни шу кунларда бир нарса хавотирга соларди. Ҳамма пуллар, қўлга илинган нарсалар сотилиб тугагандан кейин, у қандай қилиб Наимани боқади? Бозорга кетар экан, у тинмай ибодат қиларди. Худойим, мен нима қилишимни билмай қолдим. Қайнонам ҳақида ғамхўрлик қилишимга ёрдам бер. Рут билакузукларни ўзи мўлжаллаган нархга сотгунча, тўртта савдогар билан савдолашади. Кейин эса паст баҳода хурмоларни сотиб олди. Наима ўтган куни совқотди. Шунинг учун унга арзон нархда чойшаб сотиб олди. Бу нарсаларни сотиб олгунча роса тортишди. Бу харид қилинган нарсалар учун у бор пулини ишлатиб бўлди. Рут шуни билардики, агар бошқа аёллар унинг ҳолатига тушиб қолганларида, улар ўзларини сотган бўлардилар. Лекин Рут ўзини ёки Наимани шарманда қилганидан кўра, ўлимни маъқул кўрарди. Наҳотки энди уларнинг шаҳар дарвозаларида ўтириб, садақа сўрашдан бошқа чоралари бўлмаса?! У ёш, соғлом аёл. Балки у ўзини қул қилиб сотиб, пулини Наимага берар. Лекин Наиманинг ҳоли нима кечади, агар йигирма шекел тугаса? Йўқ, бошқа чора топиш керак. Эй Раббим, мен нима қилишим керак? Қулинг Наима учун Сенинг қонунинг бўйича ҳамма нарсага розиман. Ҳозир ғамлаб олган нарсаларимиз билан биз бир неча кун яшашимиз мумкин. Қайнонамни қўллаб-қувватлашим, уни янада шарманда қилмаслигим учун менга ёрдам бер. Рут мешни сувга тўлдиргани қудуқ ёнига келганда, бир неча аёл уйларини безатаётганларини кўрди. Улар Рутни бир неча марта кўрган бўлсалар ҳам, аёлларнинг ҳеч қайсиси у билан саломлашмади. Қўлларида кўтариб келаётган нарсаларни яхшилаб жойлаштирди. Чунки у сувга тўлган мешни ҳам олиб, орқасига қайтиши керак эди. — Аёллар уйларини гул маржонлар билан безатишяпти, — уйга қайтганида Наимага деди Рут. — Улар биринчи ҳосил байрамига тайёргарлик кўришяпти. — Байрамлар шунчалик кўпми? — дея Рут ҳайратини яширмай. У ичида, ҳамма керакли нарсаларни қандай қилиб олишим керак, деб ўйлади. Эй Эгамиз Худо, мен нима қилишим керак? Мен энди қўрқяпман. — Ёнимга ўтир, мен сенга Худонинг ҳамма байрамлари тўғрисида айтиб бераман, — деди Наима. Рут ғорнинг кираверишида қуёш нуридан тўсилган жойга ўтирди. — Бизнинг Байтлаҳмга келганимиз Худонинг тўртта байрами бошланишига тўғри келди, — деб гап бошлади Наима. — Бир йилда еттита байрам бўлади. Биз Фисиҳни ўтказдик, энди эса олти кун давомида хамиртурушсиз нон байрами бўлади. Арпа — донли эканлардан биринчи ҳосил терими, бу байрам ўтиб кетди. Аёллар учинчи байрамга — биринчи ҳосил байрамига тайёргарлик кўришяпти. Одамлар байрам учун арпанинг поясини кесишади. Пояларни руҳонийларга беришади, руҳонийлар эса Худога аташади. Эллик кун ўтгандан кейин биз тўртинчи байрам — Еттинчи байрами бўлади, бу байрам буғдой йиғим-терими бошланганда нишонланади. Биз буғдой унига хамиртуруш қўшиб иккита нон ёпамиз, тайёр бўлган нонни руҳонийлар баланд жойга олиб бориб, Худога назр қилишади. Буғдой қиммат турарди. Қайнонаси Рутнинг ҳаяжонланганини сезмаслиги учун орқага қаради. Улар ҳозир қандай ёмон аҳволда қолганларини Наима билмаслиги керак. Акс ҳолда унинг дили яна қаттиқ азоб чекади. — Кейин яна учта байрам бўлади, — деди Наима, — Карнай байрами, Покланиш байрами ва Чодир байрами. Наима гапини давом эттирарди. Рут диққат билан тинглаб, Наима ўргатган нарсаларни ёдида сақлашга ҳаракат қиларди. Лекин бу тафсилотлардан унинг боши айланиб, хавотирликдан кўз олди қоронғулашиб кетди. Эллик кундан кейин улар қандай қилиб байрамга тайёргарлик кўриш ҳақида қайғурмасалар ҳам бўлади, чунки бу вақтда улар очликдан ўлиб кетган бўлишади. Рутнинг сотишга ҳеч вақоси қолмади, бу ёғига қандай қилиб пул топиш йўлини билмасди. Ҳатто ишлайдиган жойи ҳам йўқ. Ўзлари учун нонни гапирмаса ҳам бўлади. Қолаверса, Худога назр қилинадиган нонни ёпишга ҳам буғдойлари бўлмайди. — Қонун бизнинг ҳаётимизни бошқаради, — деди Наима. — Агар биз қонунни бузсак, Худо мени қандай жазолаган бўлса, ҳаммамизни ҳам шундай жазолайди. Рутнинг юзини беркитиб, йиғлагиси келди. Бунинг ўрнига, у жим ўтирар, йўлга тикилиб, ҳаяжонини беркитишга ҳаракат қиларди. Эй Худойим, Худойим… У қандай қилиб ибодат қилишни билмасди. Балки қандайдир сўзлар бордир, покланиш маросими, қурбонлик келтириш, яна унинг ибодатларини Худо эшитишига ёрдам берадиган нимадир бордир? Худойим, марҳаматли бўл. Мен Сенга керакли бўлишни хоҳлайман. Мен шу аёлга, Сен ёқтирмайдиган аёлга хизмат кўрсатишни истайман. Илтимос, мен нима қилишим кераклигини айт. Наима қўлини олдинга чўзди. — Анови ташландиқ далани кўряпсанми? Қачонлардир шу ерда буғдой бошоқлари бўларди. Бу ерда майин шабада эсганда, буғдой бошоқлари худди олтин каби товланарди. Биз бадавлат яшардик. Ҳаёт шундай ажойиб эдики… Ҳосил мўл бўлган йилларда Элималик бошоқ терадиганларга пулни аямасдан берарди. Кейин у бошоқ терадиганларни даласига яқинлаштирмас эди. У ўзи буғдойларни энг охирги бошоғигача териб оларди, даланинг ҳамма еридаги, ҳатто энг четларидаги бошоқларини ҳам, — дея Наима хафа бўлди. — Мана, нимага шундай бўлаётганини… — Бошоқ терувчиларгами? — Рут шоша-пиша сўради. Наима яна тошга суянди. — Эгам даланинг четини ҳайдамасликни амр қилган. У ердан ўсиб чиққан дон камбағаллар учун қолиши керак, улар эса донларни териб олишади, — ҳаяжонланиб у яна далага қараб, чуқур ўйга толди. — Агар ҳаммаси Худонинг қонуни бўйича бўлса, ҳеч ким оч қолмайди. Рут енгил тортиб, кўзини юмди, бошини пастга қаратди. О Эгам, Сен чиндан ҳам раҳмдил Худосан. Унинг юраги миннатдорчилик туйғулари билан тўлиб-тошди, томоғига ёш тиқилди. Фақат ҳозир унинг юрагида умид уйғонганда, қанчалик келажакдан қўрққанини у энди тушуниб етди. Худо уларни ёлғиз қолдирмади. У беадабона хатти-ҳаракати устидан кулишга тайёр эди. У шаҳарда ўсган, шунинг учун қишлоқ ҳаёти тўғрисида ҳеч нарса билмас эди. У худо Хамоснинг соясида катта бўлган, ҳаммадан оладиган, лекин қайтариб бермайдиган сохта худо. Лекин чинакам Худо бу ерда, ўзининг халқини севади, боқади, ҳатто ғам-ғуссага тўла, юраги эзилган камбағаллар ҳақида ҳам қайғуради. Ҳақиқатдан ҳам Сен раҳмдил ва асрагувчисан, эй Эгам! Биз Кирхарашот тоғларидан Байтлаҳмга келаётганимизда, Сен ҳар бир қадамимизни асраганигни ёдимдан чиқармаслигим керак эди. Раббим, кечир мени, калтафаҳм қулингни кечир, илтимос! Қандай қилиб мен, очликдан ўлиб кетсин, деб бизни шу ерга Сен олиб келдинг, деган хаёлга бордим? Рут табассум билан кўкрагини тўлдириб нафас олди. Унинг қалби миннатдорчиликдан тўлиб-тошди, нотаниш эркинлик ҳис-туйғуси пайдо бўлди. * * * Аёллар ҳам ўзаро гаплашишарди… «Бечора Наима. Унинг кулишлари, ўзига жуда ҳам ишонган даврлари сенинг ёдингдами?» «Мен сенга айтсам, у жуда ҳам ўзига ишонарди». «Элималик унга уйланишга қодир бўлган ягона эркак эди». «Унинг қандай чиройлилиги сенинг эсингдами?» «Наима мендан бир ёш кичкина, ҳозир эса менга нисбатан қари кўринади». «Озиб, тўзиб кетган». «Бу қайғу-ғамдан. У эрини, икки ўғлини йўқотибди. Бечора». «Балки Худо уни жазолаётгандир?» «Унинг Мўобдаги ҳаётидан қолган ягона нарсаси — у билан бирга келган анови қиз-да». «У ғалати кўринади-я». «Унинг кўзлари шундай қоп-қораки…» «Сизлар мўаблик аёллар ҳақида эшитганмисизлар?» «Йўқ, сен нимани эшитгансан?» Аёллар тўдалашиб, ўзаро пичирлаб гаплашишар, ҳайратдан оғизларини очиб, бошларини қимирлатишарди. «Наима бу қизни ортига — Мўобга жўнатиб юбориши керак. Бизга бундай қизлар керак эмас». «Ҳа, мен розиман. Лекин Наимани ким қарамоғига олади?» «Менинг иложим йўқ!» «Ўзи менга оиламни боқиш учун егулигим аранг етиб турибди». «Меникида эса жой йўқ». «Унинг ҳоли нима кечади?» «Худо у ҳақда ғамхўрлик қилар». * * * Илк ҳосил байрамининг эртаси куни Рут вақтлироқ туриб, далага бориб, қолган донларни териб келиш учун Наимадан рухсат сўради. — Рут, сени ҳеч ким қабул қилмайди, — деди Наима ҳаяжон билан. — Лекин қонун рухсат беради… — Ҳаммаям қонунга бўйсунавермайди. Менинг ўғилларим ва эрим… — Онажон мен боришим керак. Энг тўғри йўл — шу. — Мен сен учун қўрқаман. Далада эркаклар ишлашади, улар сени хафа қилишлари мумкин. Улар мўаблик аёлларни хафа қилишни гуноҳ иш, деб билмайдилар. — Бўлмаса, мен аёллар билан ишлайман. — Улар ҳам эркаклардан қолишмайди. Агар сенга бирон кор ҳол бўлса, мен нима қилишни билолмай қоламан. Рут қайнонасини қучоқлаб, ўпди. — Худога, мени ўз паноҳида асрагин, менинг қалқоним бўлгин, деб ибодат қиламан, — у табассум билан Наиманинг қўрқув тўла кўзларига қаради. — Балки Худо мени раҳмдил одамнинг даласига бошлаб олиб борар, унинг ўроқчилари билан бошоқ теришимга рухсат берар? Сиз ҳам шу учун ибодат қилинг. — Ҳушёр бўлгин, болам. — Хўп, ҳушёр бўламан. — Ҳеч кимга қайрилиб қарама. — Хўп, сергакроқ бўламан. — Яхши, борақол, қизим, — дея Наима раҳмдиллик билан охири рухсат берди. Рут йўлдан ўтаётиб, биринчи даладаёқ тўхтади. У ерда ўроқчилар билан бирга бир неча дақиқа ишлади, холос. Битта бошоқ тераётган одам унга тош отди. Тош учиб келиб Рутнинг юзига тегди, Рут бақириб юборди. Бошқа аёлларнинг бақир-чақирларидан Рут қоқила-суқила у ердан қочиб қолди. — Йўқол, бу ердан мўаблик фоҳиша! Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга йўқол! Юзидаги оқаётган қонни тўхтатиш учун Рут нарироққа қочиб борди. Бошқа далада ишлаётган ўроқчилар ҳам меҳрибон эмас эканлар. — Мўаблик фоҳиша! Бизнинг даламиздан йўқол! Ўзингга ўхшайдиганлар ёнига бор! — Бизнинг эркакларимизнинг ёнига яқинлашма! Бошқа далага ўтганда эса, ишчилар шаҳватпарастларча назар ташлади. — Кел, гўзалим, — деб шу даланинг назоратчиси чорлади. — Мен сен билан салқинда дам олишга қаршимасман. Қолган эркаклар кулиб юборди. Рут йўлга қочиб чиқди, унинг юзи ловуллаб ёнар, эркаклар ва аёллар унинг устидан кулишарди. Улар Рутнинг орқасидан лаънатлар айтишар, унинг халқи тўғрисида бўлмағур гаплар айтишарди. Рут дала четидан юриб кетаверди, дала четларида йиғим-терим учун буғдой ҳали етилмаган эди. Охири, у яна бир арпа экилган далага келди. У ерда белини боғлаган эркаклар жонларини жабборга бериб, ерни ҳайдашаётган эканлар. Уларнинг орқаларидан аёллар бошоқларни йиғиб, боғлам-боғлам қилиб тахлаяптилар. Бошоқ те-радиганлар кўринмайди. Гарангсиб қолган Рут: «Ер эгалари ҳамма нарсадан маҳрум бўлганларга шунақа муносабатда бўлармикан», деб ўзига ўзи савол бера бошлади. Рут хурсанд бўлди, бошоқ терадиганлар йўқ, қолаверса, дала Байтлаҳмдан узоқда. У эҳтиёткорлик билан атрофни кузатди. Даланинг эгаси раҳмдил киши экан шекилли, у ишчиларига дам олишлари учун бошпана ҳам қилиб берибди. Баъзи бир эркак, аёллар далада қўшиқ ҳам айтишарди. Рут қўрқувни йўқотиб, капа олдида турган назоратчининг ёнига яқинлашди. Бу одам баланд бўйли, қадди-қомат келишган, бақувват одам эди. Рут қўлини кўксига қўйиб, ерга қараб, унга таъзим қилди. — Ассалому алайкум хўжайин. — Ҳа, аёл, сенга бирон нарса керакми? Рутнинг юраги ҳаприқиб кетди, қаддини тўғрилади. Эркак қовоғини солиб, Рутни бошдан-оёқ кузатди. Наҳотки у ҳам бегона юртдан келган аёлга даласидан бошоқ теришга рухсат бермаса? — Мен сизнинг олдингизга, далангиздаги ўроқчилардан қолган бошоқларни йиғиб олсам, деб рухсат сўраб келдим. Агар керак бўлса, Рут ёлворишга ҳам тайёр эди. Дала эгаси қовоғини солганча жим турар, унинг илтимосини ўйлаётган эди. Кейин назоратчи бошини кўтариб, гапирди. — Агар сен даланинг четидаги, бурчакларидаги бошоқларни терсанг, кўпроқ йиғасан. Рут ўзини енгил ҳис қилди. У енгил нафас олиб, табассум қилди. — Раҳмат, хўжайин, сиздан миннатдорман! — у яна таъзим қилди. — Миннатдорман! У одам Рутга диққат билан қаради. Рутнинг юзи қирмизи тусга кирганидан, дарров бошқа томонга қараб, кўзини олиб қочди. — Ишчилардан йироқроқда юр, — деди Рутнинг орқасидан. — Хўп бўлади, хўжайин, — Рут яна бир бор унга таъзим қилди. — Қилган яхшиликларингиз учун миннатдорман. Рут йироқлашар экан, назоратчи диққат билан уни кузатиб турганини сезди. Рут даланинг нариги четига шошилиб кетаётганда, ишчилар унга диққат билан қаради. Ўроқчилар кетидан бошоқларни териб кетаётган бир аёл унга кулиб қаради. Ҳеч ким уни ҳақорат қилмас, унга тош ҳам отмас эди. Ишчилар унга тегишмади. Улар ўз ишларини давом эттириб, яна қўшиқ айтишни бошладилар. Рут миннатдорлик ҳисси билан тўлиб, хотиржам бўлиб, ишга тушди. Унинг ҳеч қандай иш қуроли йўқ эди, шунинг учун арпанинг бошоқларини қўллари билан теришига тўғри келди. Тез орада унинг кафти пўрсилдоқ бойлаб кетди. У тинмай ишлар, бу пайтда қуёш нурини аёвсиз сочарди. Чарчаганидан ва иссиқдан қизнинг боши айланиб кетди, далада чегара вазифасини бажарадиган тошларнинг ёнидаги дарахт тагига бориб, сояга ўтирди. У бир оз дам олиб, яна ишини давом эттирди. «Мен худди чумолига ўхшайман, бутун баҳор ва ёз ойларида дон териб, ғамлаб қўяман. Шунда бутун қишга озиқ-овқат етарли бўлади», — деб ўйлади-да, кулиб қўйди. Ҳар бир соат ғанимат, у ишга берилиб кетди. Унга бошоқ териш учун рухсат беришганидан хурсанд эди. Ўроқчиларнинг қўшиқлари унинг кўнглини кўтариб юборди. «Ер ва уни тўлдириб турган ҳамма нарса табаррукдир… Ер ва осмоннинг Яратувчиси… Борлиқ Ҳукмдори… У бизни фиръавннинг зулмидан халос қилди… Унинг номи — Муқаддасдир»… Рут ишлар экан, ичида бирга хиргойи қила бошлади, сўзларни ёд олгандан кейин, улар билан бирга қўшилиб қўшиқ айтди. * * * Бўаз фақат битта даладан ташқари, ҳамма арпа далаларида иш қандай кетаётганини текшириб чиқди. У йўлда от чоптириб келар экан, саломлашиш аломати сифатида қўлини кўтариб, ишчилар ва назоратчилар билан сўрашиб чиқди. Баъзи бир оқсоқоллар дарвоза ёнида ўтириб, унга қараб бошларини қимирлатиб қўйди. «Нега у далада, ишчилар орасида кўп вақтини ўтказишни зарур, деб ҳисоблайди?» дея ўзларидан-ўзлари сўрашарди. «Унинг назоратчилари ишончни оқлаган одамлар эканликларини исбот қилишган. Нега у ҳамма ишларни назоратчиларига топшириб, ўзига ўхшаган одамлар билан гаплашиб ўтирмайди?» Бўаз нега йиғим-терим ишларида қатнашишни хуш кўришини улар тушунмас эдилар, лекин у ҳеч қачон ўрим-йиғим байрамида қатнашмас эди. Бўаз болалигидан отасининг даласида ер йилига тўрт марта ҳосил берган пайтларда ишлаган. У ўспиринлик даврида, уларнинг юртида очлик бошланганда ҳам ишдан тўхтамаган. Албатта, Худонинг марҳамати билан у шод-хуррам ҳаёт кечирган. Лекин шу пайтда бошқалар яшаш учун курашишга мажбур бўлганлар. Кўпчилик ўзларининг ерларини сотиб, бошқа жойлардан яхшироқ турмушни излаган. Улар афсусланиб, Худога қайтиш ўрнига, умидсизликдан Ундан узоқлашганлар, ўша одамлар Баал ва Аштаретга сиғиниб, такаббур бўлиб кетганлар. Элималик ҳам тўғри йўлдан озган эди. Бўаз акасини кўндиришга ҳаракат қилди. Лекин Элималик, ҳатто туғишганларининг маслаҳатини қулоққа оладиган одамлардан эмас эди. — Бу яшаш орзу қилинган ернинг нимаси яхши?! Ахир, бу ер нон бермайди-ку! Худонинг исроилликлардан юз ўгиргани сабаби шу эдики, бу халқ Унга ишонмай қўйган. Афтидан, Элималик бу ҳақиқатни тушунишга қодир эмас эди. — Баалга сиғинишни бас қилиб, шу ерда қол. Ўғилларинг учун нима яхши экани тўғрисида ўйлаб кўр. Ўзингнинг ерингда ишлайвер. Агар сен Худога содиқ бўлсанг, У албатта сенга марҳамат кўрсатади, — дея Бўаз акасини кўндиришга ҳаракат қилди. — Содиқ бўлсанг, дейсанми? Мен қурбонлик келтирдим, назрлар бердим. — Худо биздан итоаткор юракни кутяпти. — Мен нимага тавба қилишим керак?! Ахир, мен нима қилиш керак бўлса, ҳаммасига риоя қиляпман. Сен ўзингни мендан кўра яхшироқ яҳудий деб ўйлаб, содиқ қоляпсан. Сенинг мендан яхшилигинг — сенинг катта ерингдир. Элималик ҳеч қачон Худо унга ато этган марҳаматни кўрмас эди. Бўаз бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида ўйлашни истамас эди, лекин кўнглида эски, унутилган ҳис-туйғулар қайталанарди. У бу туйғуларни оғир меҳнат эвазига янчиб ташламоқчи эди. Лекин унинг ҳис-туйғулари тошли деворлар орасида ўсадиган иссопга ўхшар эди[6]. Йигирма йил олдин ака-укалар бир-бирларига айтган шафқатсиз сўзларни эслашдан фойда нима?! Бири ўзининг бошига кулфат келтиришдан олдин, иккинчиси унга ёрдам бермоқчи бўлган омадсиз имконлари эвазига орттириб олган кўнглидаги оғриқ ва умидсизликларни қайта тирилтиришдан бирон наф борми?! Ўша очлик йилларида Худо Элималикка кўп марҳамат қилганини у барибир тушунмади. Элималикка Худо марҳамат қилган, лекин у буни кўрмас эди. Бўаз акасини кўндиришга узоқ ва қатъий ҳаракат қилди. Лекин у қариндошлик ришталари узилишидан ва амакиваччаси ундан нафратланишдан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмади. Шу ўтган йиллар ичида Бўаз шуни аниқ эслайдики, Элималик Наимани ва ўғилларини олиб, қандай қилиб Байтлаҳмдан чиқиб кетаётганини шаҳар дарвозасида туриб, кузатиб турган эди, гўёки бу воқеа бугун эрталаб содир бўлгандай. О Наима, гўзал, хушчақчақ Наима… Ўша куни Бўаз йиғлади, лекин ҳеч ким унинг қайғуларини тубигача билмас эди. Ўшандан бери Худо Бўазга марҳамат қилади. Худонинг туҳфаси шунчалик мўл эдики, ҳатто муҳтожларга ҳам шу туҳфалар табиий равишда тегарди. Кўп йиллар Бўазни муваффақият тарк этмади. У миннатдорчилик билан тўлиб-тошган, лекин қачонлардир орзу қилган хурсандчилик йўқ. Унда ҳар доим керагидан ортиқ мол-мулки бор. Буларнинг ҳаммаси учун у Худога шукрона айтиши кераклигини билади. Гарчи Бўаз эҳтирос билан истаган нарсасини Худо бермаган бўлса ҳам, барибир Унга ҳамду сано айтарди. Худо — осмон ва ернинг Ҳукмдори. Инсон нимага эга бўлмаса, уни сўраш номуносибдир ёки шуни деб хафа бўлиши… Бўаз ҳаёт қандай бўлса, шунисига шукр қилиб, тасалли топарди, ҳаммаси учун Худога шукроналар айтарди. Бўаз муюлишдан қайрилиб, рўпарасидаги далада етилган арпаларни кўрди. Ўроқчилар ишлаб, қўшиқ айтишяпти. У хурсанд бўлганидан кулади. Бўаз шуни хоҳлардики, унинг ишчилари яшаш учун қандайдир хатти-ҳаракат қилмасдан, ўзларининг меҳнатларидан хурсандчиликни топсинлар. Ҳаёт олийҳиммат бўлиши керак. Шунинг учун у қўлидан келганча сахийлик билан ишчилари турмушини яхшилашга ҳаракат қиларди. Шубҳасиз, эркак ва аёллар меҳнатлари эвазига топган ҳузур-ҳаловат, егулик ва ичкилик — ҳаммаси Худонинг кўрсатган марҳамати эди. Даланинг энг четида ёшгина аёл ишлаётган экан. Бўаз ҳеч қачон бу аёлни кўрмаган. Лекин унинг кийимидан шуни билдики, у бу ерлик эмас. Мўаблик аёл. Кўпчилик бошоқ терувчилар шаҳарга яқин жойдаги далаларда қолган. Нега энди бу аёл шунчалик узоққа келди экан? У шошилганича, отини капа ёнига боғлади. — Ҳайрли кун, Шамаш. Кўриб турибман, ишлар яхши кетяпти. — Дарҳақиқат, ҳосил ўтган йилгига қарганда, бу йил анча яхши. — Анави ерда ишлаётган қиз ким? — Мўаблик жувон, Байтлаҳмга Наима билан бирга қайтиб келибди. Бугун эрталаб у ўроқчилар билан бирга бошоқ теришга рухсат беришимни сўраб келган эди. Шунча вақтдан бери у астойдил ишлаяпти, бир неча дақиқа капада нафасини ростлаш учун ўтирганини айтмаганда. Эҳ-а, Наиманинг келини! Улар Байтлаҳмга қайтганларидан кейин, Бўаз Наиманинг келини ҳақида эшитган эди. Ўшандан бери халқнинг оғзида мана шу ёш мўоблик аёл. — У бу ерга бошоқ тергани узоқдан келибди. — Унинг юзидан кўриниб турибди, бошқа далаларга борганда, бир оз азият чеккан, шекилли. Бўаз назоратчига қаради. — Бўлмаса, у яхши қилибди бу ерга келиб. У қўлини Шамашнинг елкасига қўйиб кулди. — Сен ёш йигитлар билан гаплашиб қўй, улар бу қизни хафа қилмасин, бундай бўлишига йўл қўйма. Бўаз далага — ишчиларининг ёнига борди, улар билан саломлашди: — Ҳорманглар! Худо ёр бўлсин! — Бор бўлинг. Худо сизни ҳам марҳаматласин! — деб жавоб беришди ишчилар. У даланинг четида ишлаётган ёш аёлнинг ёнига келди. У ишини тўхтатиб, ҳурмат ила таъзим қилди. Бу аёл унга тик қарамади, аксинча қул хўжайини билан қандай саломлашса, у ҳам шундай саломлашди. У Бўазга бошқача ҳурмат кўрсатди. Қизнинг арпа тутган қўллари қалтираётганини кўриб, Бўазнинг юраги юмшади. — Қизим, менга қулоқ сол, — деди мулойимлик билан у. — Биз билан бу ерда қолавер, бошқа далаларга бориб юрма, шу ердан бошоқ теравер. Менинг даламда ишлаётган аёллар билан бирга юраверасан. Қара, улар пайкални ўриб олишяпти, сен ҳам уларнинг ортидан юриб бошоқ теравер. Мен эркакларни огоҳлантириб қўйдим, улар сени хафа қилишмайди. Агар чанқасанг, одамларим қудуқдан сув олиб келишган, ўша сувдан ичавер. У ажабланиб Бўазга қаради. — Катта раҳмат сизга. Табассумдан Рутнинг юзи яна ҳам чиройли бўлиб кетди. Бўаз унинг қора кўзларига қаради-ю аллақандай ҳиссиётлар қалбида жунбушга келди. Нима бўляпти ўзи? Шу ерда, бунинг устига шу топда-я? У Рутга қизиқиш билан қараганидан, ўзи хижолат бўлди. Чунки унинг ёши Рутникидан икки баробар катта. — Нега сиз менга бунчалик меҳрибонлик қиляпсиз? — деди у ёқимли овоз ва алоҳида урғу билан. — Мен бор-йўғи бегона юртдан келган бир аёл бўлсам. Бошқалар унга бегонадай муносабатда бўлишди, унинг юзидаги кўкарган, шилинган жойлар шундан далолат бериб турибди. — Ҳа, мен биламан. Мен қайнотангнинг ўлимидан кейин қайнонангга кўрсатган севгинг, меҳрибонлигинг ҳақида ҳам эшитганман, — шиддатли туйғулардан кейин унинг овози бир оз пасайди. — Эшитишимча, сен ота-онангни, юртингни ташлаб, бегона халқ орасида яшашга келибсан. Исроил Худоси ёнига келганинг учун Худо томонидан сенга катта мукофотлар берилсин. Сен Унинг паноҳидан жой қидириб келибсан. Албатта, кимки Худоники бўлса, У ўша одамга марҳаматли бўлади. Худо Наимага қилганидай, бу ёш аёлга ҳам марҳамат қилади. Рутнинг юзлари қизариб кетди. — Марҳаматингизни эсимдан чиқармайман, деб умид қиламан, хўжайин, — деб жавоб берди у. — Сиз менга тасалли бердингиз, юрагимдаги гапларни айтдингиз, гарчи мен сизнинг чўрингиз бўлишга арзимасам ҳам. Бўаз яна Рутнинг юзидаги кўкарган жойига қараб, астагина сўради: — Сени биров урдими? Рут озгина ғамгинлашди, кўзларида хавотирлик пайдо бўлди. Беихтиёр қўллари билан юзидаги кўкарган жойини беркитиб, бошини қуйи туширди. — Фақат кичкинагина тошча, холос. Унчалик қаттиқ зарар етмади. Менимча, шу воқеа содир бўлиши керак эди. Агар бу сўзлар унга бўлган муносабатни кечира олса эди! — Бу воқеа менинг даламда бўлмади, деб умид қиламан, — деди Бўаз хафа бўлиб. — О, йўқ, бу воқеа сизнинг далангизда содир бўлмади! — деб шоша-пиша жавоб берди Рут. — Мен бу ерга келганимдан бери ҳеч ким мени хафа қилмади. Бўаз ўзининг қўшниларидан бири Рутга ёмон муносабатда бўлганидан хижолат чекди. У ўзини бу ерда хатарсиз сезишини Бўаз чин дилдан истарди, бунинг устига, Рут менинг эътиборимни нотўғри тушунмаса эди, деган хавотирда эди. У ёқимтой ёш аёл, албатта Бўаздан анчагина ёш йигитларнинг эътиборини жалб қилиши шубҳасиз эди. — Менинг ишчиларим орасида сен хавотирланмасанг ҳам бўлади. Бу ерда сени хафа қилишмайди. Бўаз уни холи қолдириб, сал четроққа ўтди. Унинг хаёлидан: «Ёш йигит Махлўн бундай қизга уйланган бўлса, демак, у эсли-ҳушли йигит бўлиб ўсган экан», деган фикр ўтди. Ўзга юртлик аёлларнинг ҳаммаси ҳам яҳудий эркаклари учун лаънатланган эмас эдилар. Бун-дай аёлларнинг ҳаммаси ҳам эркакларни ҳиқиқий Худодан айириб, бошқа шаҳвоний мажусий бутларига сиғинишларига мажбур қилмаганлар. Айрим ажнабий аёллар эътиқодлари туфайли Худонинг танланган халқи орасида яшаганлар. Унинг онаси Раҳоба ҳам шундай аёллардан эди. Раҳоба ўз шаҳри Ериходаги уйида иккита исроиллик жосусни яширган. У қатъият билан, ҳар хил андишаларга боравермасдан, яҳудийлар Худоси Яҳвега эътиқод қилишини эълон қилган. У ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, Худога ва унинг халқига қўшилди. Жосуслардан бири — Бўазнинг отаси Салмон эди. Худо Бўазнинг ота-онасини марҳаматлади, шунинг учун улар ҳаётларининг охиригича бир-бирларини севиб яшадилар. Шунга қарамасдан, Худо Ўз халқини бегона юрт аёллари билан қилган никоҳи келтириши мумкин бўлган кулфатлардан асрар эди. Эркаклар аёлларнинг ҳийлаларига осонгина илиниб, ўзларининг Худоларини ташлаб кетган пайтлар ҳам бўлди. Лекин мана бу бегона аёл қиёфасида нима кўринади? Бу ёш мўаблик аёл, сўзсиз, Худо томонидан танланганлардан бири эди. Мўабдаги ҳаётдан юз ўгириб, Наима билан бирга Байтлаҳмга келибди, бундан ташқари, у ўзининг имон-эътиқодини эълон қилибди. Бу қиз Бўазнинг онасига ўхшар эди Онасининг эътиқоди ҳам тоғда, худди юмшоқ қум орасида қолган тошга ўхшар эди. Бўаз ўзига тез-тез шу саволни берарди: эҳтимол айни шу эътиқод фақатгина яҳудий халқига тегишли бўлганларни эмас, балки Худо танланганларни ажратиб турса керак. Чунки фақат Худо унга тегишлиларни ҳар доим, ҳозир ҳам танлайди. Бироқ, Бўаз қалбида отаси билан хорижлик бегона аёлнинг турмушини изоҳлаши ва оқлаши эски хафагарчиликларни қўзғатди. Шунча вақт ўтган бўлса ҳам, у инкор қилиш аламини ҳис қила-ди. Балки у ярим канъонлик бўлгани учун куёв сифатида рад этилгандир? Худо халқининг орасида шундай одамлар бор эдики, уларнинг фикрича, Худо фақат Иброҳимдан келиб чиққанларни солиҳ деб қарайди, эътиқод эса — фақатгина танланган халққа тегишлилик натижасидир. Бўаз даланинг четида тўхтади, бошоқ тераётган ёш аёлга қаради. У даланинг ҳамма жойида бошоқ териб, қўлига тартиб билан тахлар эди. Унинг кийимидан шаҳарлик аёл эканини билса бўлади. Бироқ Бўазнинг даласида, шундай иссиқда у оғир меҳнат бажарар, бу имкониятидан миннатдор эди. Нега у бунчалик жонини жабборга бериб ишлаяпти? Қайнонасини боқиш учун! Бўазнинг халқи орасидан ҳам Иброҳим сулоласидан бўлмаган, шундай меҳнаткаш аёл топилармикан? Бўазнинг кўнглида алам ва хурсандчилик туйғуси бир вақтда пайдо бўлди. Неча йиллардан бери у бундай қийинчиликни сезмаган эди? Бўаз ўзидан кулиб, орқасига қаради. Афсус, Рут жуда ёш, у эса анча кексайиб қолган. * * * Рут кимдир ўзининг исмини айтиб чақираётганини эшитди. Бошини кўтариб, капа ёнида туриб, уни ёнига чақираётган Бўазни кўрди. — Кел бу ерга, бизнинг овқатимиздан ўзингга кераклисини ол. Хоҳласанг, мана мусаллас, нонингни мусалласга ботириб егин. Унинг юраги овоз чиқармай, аранг урарди. Рут бошоқларини саранжомлаб, боғ-боғ қилди, ўзи ишлаётган жойга қўйиб, капа томонга қараб юрди. Бундай мартабали одам ишлаганидан кийимини чанг босган, ёқимсиз ҳид таратаётган, бундан ташқари, ўзининг ўроқчилари билан овқатланадиган катта дастурхонга бундай аёлни таклиф қилганидан Рут ажабланди. Кулбага киришдан олдин у қўл-ларини ювди. Рут ўроқчиларнинг қизиқиш билан қараётган нигоҳларидан ҳаяжонда эди. Улар диққат билан Рутни оёғидан то боши-гача кузатдилар. Бу пайтда бошқа аёллар ўзаро пичирлаб нималарнидир гаплашаётган эдилар. — Мен шу ерга ўтирсам, майлими? — дея хизматкорлар орасидаги бўш жойни кўрсатиб, Рут рухсат сўради. Ҳаммадан яқин ўтирган қиз сурилиб жой берди. — Наҳотки мен «йўқ» деб айтсам, ахир, хўжайинимизнинг ўзлари сени таклиф қилган бўлсалар? Рут қизариб кетди. У ўтирганда ёнида ўтирган қиз ундан узоқроқ ўзини олиб қочди. Рут қўлларини тиззасига қўйиб, бошини пастга туширди, кўзларини юмди. Бўаз егуликлар учун Худога ибодат қилиб, шукроналар айтди. Ибодатдан кейин ҳамма атрофдагилар ўзаро гаплаша бошладилар. Улар Рутни ўзларининг суҳбатларига қўшишга ҳаракат қилмадилар, Рут ҳам улардан буни кутмаётган эди. Хўжайин овқатларни ишчиларга ўзи солиб бераётганидан Рут ҳайрон қолди. Рутнинг ёнига келиб, Бўаз унга икки баробар кўп овқат солиб берди. Рут ажабланиб унга қаради, у эса қовоғини солиб, Рутнинг қўлларига қараётган эди. Рут тезлик билан қўлларини стол тагига тиқди ва қаттиқ чирмаштириб олди. Балки у қонунни бузгандир? У кўзларини кўтаришга журъат қилганда, унга ҳеч ким эътибор бермас, ҳамма гап билан овора эди. У шунчалик оч эдики, ҳаттоки қорни очликдан ғуруллар, бундан эса у жуда ҳам хижолатда эди. Бўаз унга очлигини қондириши учун етарли овқат берган эди. Рут овқатининг ярмини Наима учун рўмолчасига беркитди, шундан кейингина у нондан кичкина бўлакча синдириб, мусалласга ботирди. Секин-аста қизиқувчан пичир-пичирлар сўнди. Энди ёш жувонлар ҳам эркаклар каби чақчақлашиб, кулишиб ўтирар эдилар. Рут кўз қирини ташлаб, назоратчиси билан ёнма-ён ўтирган Бўазни кузатарди. Уларнинг ёшларидаги ва бойликларидаги фарққа қарамасдан, бу икки эркак дўстона суҳбатлашиб ўтиришибди. Назоратчи ёш йигит, Бўазнинг ўғлидек келади. Йигит чиройли, келишган, сочлари қоп-қора. Бўаз эса унчалик чиройли эмас. Унинг сочлари, соқолига оқ аралашган, чаккасидаги сочлари оппоқ. Унда аёлларни қизиқтира оладиган, ажралиб турадиган нарсаси йўқ. Бироқ унинг меҳрибонлиги Рутни ўзига қаратган. Унинг самимий ғамхўрлиги кўнглининг туб-тубини жунбушга келтирди. У бошини озгина буриб, Рут томонга қаради-да, яна кўзларини пастга қадади. Рут эркак кишига назар соладиган даражада муносиб эмас, айниқса у Рутга қараганда анчагина ўзига тўқ одам. Рут бошқа тарафга қаради, ёш йигитлар унга ошкора синчиклаб қараётганларини сезди. Улардан бири қизга қараб кулди. Рут дарров нигоҳини олиб қочиб, ўша йигитнинг эътибори ўзига ёқмаганини билдирмоқчи бўлди. Рут дастурхон атрофида кўп ўтирмади, чунки хизматкор қизларнинг рашкини қўзғатишни ва ўроқчиларнинг диққатини тортишни хоҳламади. Шунинг учун у шошилганича даланинг энг чеккасига кетди. Ўроқчилар далага қайтишларидан олдин Бўаз Шамашни четроққа олди. — Ёш йигитлар мўаблик қизга кўз тикишяпти. Шамаш кулимсираб: — Нафас оладиган ҳар қандай йигит унга албатта эътибор беради-да. — Ўзинг қараб юр, уни ҳеч ким хафа қилмасин. Назоратчининг юзидаги кулимсираш дарров йўқолди. — Албатта, — дея бошини қимирлатди. Бўаз қўлларини унинг елкасига қўйди. — Биламан, унга ҳеч ким ёмон муносабатда бўлишига йўл қўймайсан. Лекин менинг ишчиларим орасида ҳам шундай одамлар борки, мўаблик қизнинг борлиги уларни қаттиқ хавотирга соляпти. — Ёш аёллар, — деди Шамаш ва лабларини тишлади. Бўаз Шамашнинг елкасидан қўлларини олиб сўради: — Унинг қўллари шилинганини кўрдингми? Назоратчи қовоғини солиб, Рут ишлаётган тарафга қаради. — Унинг ҳеч қандай иш қуроли йўқ-ку. — Тўппа-тўғри. Мен кетганимдан кейин, сен унинг ёнига боргин-да, унга: «Ишчиларнинг орқасидан бошоқ териб юраверишинг мумкин», деб айтгин. Шу ёш аёлга имконият бер, токи ўзини нон билан таъминлай олсин. Кейин Бўаз ёнига ёш йигитларни чақирди. Йигитлар унинг ёнига йиғилишгандан кейин Бўаз ҳар бирининг кўзига қаради. — Бошоқ тераётган қизни кўрдингизларми? Унинг исми Рут, у қайнонасининг ташвишини тортяпти. Унинг қайнонаси — бизнинг акамиз бўлмиш Элималикнинг хотини Наима. У боғламлар тўплами атрофидан бошоқ йиға қолсин. Уни ёлғиз қолдирманглар. Арпа бошоқларини боғламлардан қолдириб, Рут учун ерга ташлаб-ташлаб кетинглар. Майли, у шу бошоқларни тера қолсин, уни хафа қилманглар! Сизлар Рут учун қандай яхшилик қилаётган бўлсангизлар, яхшиликни мен учун ҳам қилаётган бўласизлар. Ўроқчилар йўл-йўриқ олганларидан кейин далага қайтдилар. Бўаз отга ирғиб минди. — Мўаблик жувон тўғрисида қайғурманг, Бўаз ҳазратим, — деди Шамаш. — Ҳаммаси сиз айтганингиздек бўлади. Бўаз ўз даласига, арпа боғларини тўплаётган ўроқчи эркаклар билан аёлларга қаради. Бўаз даласида ишлайдиганларни яхши кўрарди, улар ҳам камбағаллар билан яхши муносабатда бўлишларини истар эди. Рут бир ўзи ёлғиз ишлаётган эди. — Балки Худо уни ўз нури билан ёритиб, бизнинг халқимиздан бўлган бирон эркакни унга эр қилиб берар, — деб, Бўаз Шамашга қаради ва кулиб қўйди. — Худо ҳамиша сенга ёр бўлсин, дўстим. Шамаш ҳам кулиб: — Сизга ҳам, хўжайин. Бўаз Байтлаҳмга элтувчи йўлдан кўзини узмасдан отини чоптириб кетди. Даласида ишлаётган мўаблик қиз тарафга қараш хоҳишини қондиришдан ўзини тийди. Бунинг ўрнига, у бундай қизга ва бегона аёлга, яъни у учун муҳим бўлган аёлга ёрдам бериш имкониятига эга бўлганидан Худога шукроналар айтарди. Ёқимтой, ҳаёти бадастир Наимани қачонлардир Бўаз ўзининг хотини сифатида кўришни орзу қилган эди. * * * Рут қаддини ростлаб, узоқлашиб бораётган Бўазга қаради. «Эй Раббим, бу одамни менга ва қайнонамга қилган яхшиликлари учун Ўзинг марҳаматла. Бу ёшида унга қувонч, шоду ҳуррамлик ато қилгин». У табассум билан яна бошоқларга эгилди. Рутнинг ёнига назоратчи келди. Рут ишини тўхтатиб, унга таъзим қилди. — Мен сенга Бўазнинг буйруғини етказишим керак, — деди у. — Бошоқларни ўроқчиларнинг ёнидан тераверар экансан. Улар сенга ҳеч нарса дейишмайди. Рут Бўаз отини чоптириб кетаётган йўлга қаради. — Мен ҳеч қачон бундай раҳмдил инсонни учратмаганман. — Бўазга ўхшаганлар жуда кам, — назоратчининг лаблари қайғудан сиқилди. — Худонинг ўзи сени бу далага олиб келди. Келажакда ҳам Худонинг ўзи сени паноҳида асрасин, — у бошқа ишчилар томонга қараб бош ирғиди. — Уларнинг олдига бор. Аёллар қўшиқ айтиб ишлаётган эдилар. «Худойим — менинг қудратим, менинг қоям, халоскорим. У менинг Худойимдир, Унга ҳамду сано айтаман. У менинг ота-боболарим Худоси, мен Уни ёдга оламан. У жангчи Худодир, ҳа, Унинг номи Яҳведир…» Рут дарров қўшиқ сўзларини ёдида сақлаб қолди ва улар билан бирга куйлай бошлади. Улар Рутга ҳайрат билан қараб туришарди. Уларнинг айримлари кулишни бас қилдилар. Аёллардан бири арпанинг бошоғини олиб, у томонга ташлади. Рут миннатдорчилик билан унга таъзим қилди. У кечгача ишлади, кейин бошоқлардан донларни ажратиб олди. Ярим қоп дон йиғилибди! «Эй Раббим, Сен менга шунча кўп бердинг». Хурсанд бўлганидан у рўмолининг тўрт четини тугиб, донларни руўмолига ташлади. Рўмолни елкасига ортиб, Байтлаҳмга — Наима кутаётган ғорга қараб йўл олди. * * * Эркаклар ҳам ўзаро гаплашаётган эдилар… «Биринчи марта кўришим Бўаз бошоқ тераётган қизга қизиқиб кетганини». «У ҳар доим ундайларга раҳмдил бўлган». «У бу ерга келиши учун жасорат керак бўлган». «Менимча, бошқа далаларда унга қийин бўлган. Унинг юзидаги кўкарган жойни кўрдингми?» «У бизнинг беваларимиздан бирига бошоқларни йиғиб бераётганини биласанми?» «Йўқ». «Балки кўпчилик унинг бу ерда эканини билмаса керак». «Наҳотки бу унга тош отган одамларни оқлайди? Қонун бошоқ терувчилар тўғрисида аниқ гапиради». «Албатта бегона аёллар тўғрисида ҳам». «Бўазнинг онаси ҳам чет эллик аёл эди». «Ўзингизнинг ишингизга бутун куч-эътиборингизни қаратиб, давом эттиршингизни маслаҳат бераман». * * * Аёллар ҳам ўзаро гаплашардилар. «Эркаклар бошоқларни кесиб, унга ташлаётганларини кўрдингми?» «Қиз чиройли бўлса, эркаклар ўшанда хизматга тайёр бўлиб қоладилар». «Бўаз даладан кетишидан олдин, улар билан гаплашди. Балки у ўша қиз учун кўпроқ дон қолдиришларини буюргандир?» «Ҳатто хўжайин ҳам у билан қизиқиб қолди. Анави ёққа қара, кўряпсанми?» «Нимани?» «Шамаш яна унга қараяпти». «Агар сен Шамашга кўз ташламаганингда, буни билмаган бўлардинг». «У қиз менга ёқмаяпти». «Нега?» «Бунинг учун сабаб керакми?» «Менга эса у ёқяпти». «Нимаси билан?» «Бошқалардан фарқлироқ, бу қиз тиришқоқлик билан ишлаяпти, фақат ўз иши билан шуғулланяпти». * * * — Мунча кўп! — деди ҳаяжонланиб Наима Рутни кутиб олишга чиқар экан. У ўзларининг бошпанасига кириб, елкасидаги тугунни олиб, уни ечди. Рут кулганда яшнаб кетди, Наиманинг кўзлари чақнади. — Сен бунча донларни қаердан тердинг? Ким сенга ёрдам берган бўлса, Худо уни марҳаматласин. — Мен ҳам уйга келаётганимда, йўлма-йўл, Худо мени шу одам билан учраштиргани учун тинмасдан Унга шукроналар айтиб келдим. Унинг даласи шаҳардан анча узоқда экан. Унинг юзидаги кўкарган жойни кўрди-ю нега Рут шаҳардан анча узоққа кетишга қарор қилганлигини Наима сўраб ўтирмади. У жавобини эшитишга қўрқди. — Ўша дала эгасининг исми нима экан? — Мен бугун ишлаган дала эгасининг исми Бўаз экан. Наима унинг гапини оғзидан олди. — Бўаз? — Ҳа, Бўаз, — Рут қайнонаси учун олиб қўйган нонни олиб, унга берди. — У мени капага таклиф қилди, пешин вақтида унинг хизматкорлари, ишчилари шу капада овқатланишар экан. У бошқаларга караганда менга икки ҳисса кўп нон берди! — деди-да нон тўғрамини олди. — Дала эгаси ўзига тўқ одам экан. Дала эгаси ишчиларига овқат беришини мен ҳеч қачон эшитмаган эдим. Наима бармоқлари қалтираб нонни олди. У ҳатто Байтлаҳмга қайтганларидан кейин ҳам Бўаз ҳақида ўйламаган экан. Наима уни бутунлай унутиб юборган эди. Ёки тўғрисини айтганда, у атайин Бўазни ҳаёлидан чиқариб юборган эди. У ҳақдаги ягона хаёл Наимани уятдан хаёлидан чиқаришга мажбур қилган эди. Анча йил олдин Бўаз Наиманинг отаси олдига келиб:«Қизингизни менга берсангиз», деб чиқишини таклиф қилган эди. У эшикдан чиқиб кетиши биланоқ, Наима қандай қилиқлар кўрсатган эди-я! У йиғлаб, отасига ёлвориб: «Бўазнинг эмас, Элималикнинг таклифини қабул қилинг», деб сўраган. — Ахир, Элималик сенга, менга турмушга чиқ, деб таклиф қилмаган-ку! — жаҳли чиққанидан қизариб, отаси қаршилик кўрсатган эди. — У таклифини айтади. У отаси билан бу тўғрида гаплашган, синглиси менга айтди. — Бўаз — шубҳасиз яхши фазилатли йигит, қизгинам. Ҳа, у шундай инсон эди. У қизларнинг қалбини қаттиқ ром этадиганлардан эмас эди. Наима чиройли, келишган, баланд бўйли, қувноқ кўзли эрни — Элималикни хоҳларди. Унинг исми «менинг Худойим — подшоҳ» маъносини англатар эди. Сўзсиз, бу унинг феъл-атворидан ҳам далолат берарди. Наима ўзига нисбатан Бўазнинг кўзида барқ уриб турган севгини кўрганда, хижолатга тушарди. У эътибор қаратганидан, Наима сиқилиб, ғазабланарди. Нега у даф бўлмас экан? Нега у бошқа бирон қизни, ўзига ўхшаш қизни топмайди экан-а? Лекин бу гапларнинг ҳеч қайсиси унинг отасини Бўазга қарши қилмаслигини Наима биларди. Бироқ бир томони шу эдики, Наима отаси унутган, юз бераётган бу воқеаларга халақит берадиган томони бор эди. — Отажон, Бўаз шубҳасиз яхши фазилатли инсон, лекин унинг келиб чиқиши шубҳалироқ. Ҳа, унинг онаси канъонлик эди. У фоҳиша бўлган. Наима бошини қуйи эгиб, кўзларини юмди. Эй Раббим, шу Бўаз ҳамма одамлар ичида энг меҳрибони бўлиб чиқди! У шу эркак олдида ўзини чекланган, беъманидай тутди. Кучли эътиқодга эга бўлган аёлдан, Бўазнинг онасидан нафратланган-а! Бўлиши мумкин эмас! Энди кечириб бўлмайди! Бироқ Наима томондан келтирилган бундай ёмонликларга қарамасдан, Бўаз Рутни қабул қилди, унга икки мароталаб марҳаматлар ёғдирди. — Бу киши учун Худога ҳамду санолар айтгин! Худо уни марҳаматласин! — деди кўз ёшлари билан қалтираган овозда. Наима унинг ҳукмига лойиқ эди, лекин у Бўазнинг раҳм-шафқатига сазовор бўлди. Ёшликда у Бўазни қадр-қимматига яраша баҳоламади, лекин ҳаёт Наимага нисбатан бераҳм бўлди. Энди у қариди, ақллироқ бўлиб қолди. Унинг юрагида умид учқунлари порлади. Наима аста бошини кўтариб, Рутга қаради. — У сенга, марҳум эрингга яхшилик қиляпти. У қизнинг кўзидаги ҳаяжонни уқди. Рут яҳудий халқининг қонунлари ва урф-одатларининг кўпини билмас эди. Наима Бўазнинг уларга нисбатан ҳамма бурчларини айтиб берса, Рутнинг муносабати қандай бўлар экан? У Бўаздан бошқа Худога маъқул келадиган, ўз халқининг ҳаётини ўйлайдиган одамни билмас эди. Афсуски, ҳар доим ҳам ёш аёлнинг юрагида эркакнинг ахлоқий фазилатлари шуҳрат қозонавермайди. — Бу киши — бизнинг яқин қариндошларимиздан, бизнинг уруғимизни қутқариб қолувчилардан бири. — У менга яхшилик кўрсатаётганига ажабланмасам ҳам бўлар экан. — Йўқ, — деб келиним нотўғри тушунмасин, дея шошилиб гапирди Наима. — Бўаз фақат ўз қариндошларига марҳамат қиладиган одамлардан эмас. У ҳар доим ҳамма ночорларга ҳам меҳрибон бўлган. — Бегона элдан келганларга ҳамми? — Унинг онаси канъонлик эди. Тўғрисини айтганда, у Ерихолик бир фоҳиша эди, — Рут лол бўлиб, кўзларини катта очди. Наима тушунтиришга шошилди: — Аммо у аёлнинг эътиқоди тамомила бошқа эди. Кўпчилик одамлар, унинг томирида аралаш қон бор, деб Бўаз ёш йигитлигида ундан нафратланишди. Ота томондан яҳудий қони, она томондан канъонликнинг қони оқарди. Бизнинг халқимиз Худо берган ерларни эгаллашидан олдин, Раҳоба уйида Ёшуа томонидан Ерихога юборилган иккита яҳудий айғоқчи йигитларни яширди. У қилган гуноҳлари учун Эгамиз олдида тавба қилди. Йигитларни уйининг деразаси орқали арқондан пастга тушириб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Шаҳарни исроилликлар эгаллаб вайрон қилгандан кейин, ўша иккала айғоқчи қайтиб келиб, ёш қизни шаҳардан олиб чиқиб кетишган. Аёл бизнинг халқимиз орасида яшаган. Шу иккалаа яҳудий йигитлардан бири унга уйланган. — Бўлмаса, Бўаз онасини деб, менга меҳрибон бўлган экан-да? Бу бирдан-бир сабаб эмаслигига Наима ишонарди. — Худо кимни танласа, ўшани даъват қилишини Бўаз ҳаммадан кўра яхши тушунади. Худо Раҳобани Ўз халқи билан бирга яшашга даъват қилган бўлса, унда Худо мўаблик ёш бевани ҳам даъват қилиши мумкин. Наима бир оз олдинга эгилди. — У сенга яна бирор нарса дедими? Бўаз уни эсладимикан? — Бўаз менга, ўрим-йиғим тугагунча, менинг даламга келавер, менинг ўроқчиларим билан бирга ишлайсан, деб айтди. Наима анча енгил тортди. Албатта, агар унинг юрагида ҳали ҳам рад қилинган мухлис ҳис-туйғулари яшаганда эди, у Рутга ёрдам бермаган бўлар эди. — Зўр-ку! Рут, унинг айтганини қил. Йиғим-терим тугагунча унинг ишчилари билан бирга қолавер. У ерда сен бошқа далаларга қараганда, хавф-хатардан йироқ бўласан. Наима Рут олиб келган нонни — Бўазнинг нонини еяётиб, ўзидан-ўзи кулди. У келинини бир дона ҳам донни ерга тушириб юбормасдан саватга солишини кузатиб ўтирарди. Эҳтимол, улар учун ҳамма нарса йўқолмаган. Уларга эшик қолдирилган, бу эшик орқали Рут келажакка ўтиб, янги умидлар билан яшаши мумкин бўлар. Агар Худо хоҳласа, бу эшик Наима учун ҳам очиқ қолади. * * * Наима ташқаридан келаётган овоздан уйғониб кетди. Қуёш энди кўтарилар, Рут эса бу пайтда тоғ ён бағирларидан кўтарилиб, катта мешда сув олиб келаётган эди. — Сиз эрта уйғонибсиз, — табассум билан деди Рут. — Мен бугун Байтлаҳмга бориб, эски ўртоқларим билан бир чақчақлашиб келишга қарор қилдим. Рут мешдаги сувни сопол кўзага қуйди. — Яхши. Улар сизни соғинганлар, уларда сиз билан суҳбатлашиш учун гап топилади, деб ўйлайман, — деди ва у мешни илиб қўйиб, бошига рўмол ташлади. — Мен қоронғу тушгунча қайтиб келишга ҳаракат қиламан. — Худо ёр бўлсин, Рут. Рутнинг юзи табассумдан ёришиб кетди. — Сизга ҳам, онажон. Наима ўрнидан турди. Елкасига чойшабни ташлаб, ғор оғзига борди. Йўлдан тушаётган Рутни кузатиб турди. Ажойиб, Худо уни шундай келин билан марҳаматлади. Рут келажакдаги қизиқарли режаларидан воз кечиб, Наиманинг орқасидан эргашиб келди. У Кирхарашотдаги фаровон ҳаётдан воз кечиб, Байтлаҳмга келиб, шу ғорда ҳолдан тойган, тушкунликка тушган ва эзилган кампир билан яшашни афзал кўрди. Унинг келини хоҳлаган вақтда ўзининг бой-бадавлат ота-оналари уйига қайтиши мумкин. Лекин аксинча, у ҳамма камбағаллар каби, ҳар куни тонгдан ишга кетарди. Наима ҳали бирор марта ҳам Рутдан норози бўлиб айтган сўзларни эшитмаган. Ҳар куни кечқурун Рут табассум билан, севинчли хушхабарлар ва юрагида тўлиб-тошган миннатдорчилик билан қайтиб келарди. Бўаз Рутнинг зийраклиги ва яхши хислатли инсонлигини яхши баҳолай олади, у мўобликми ёки йўқми, барибир. Бунинг фарқи йўқ. Наима хаёллари ушлаб бўлмайдиган парвоз қилишидан олдин, ўйларига барҳам берди. У исботловчи далилларни олмагунча, Рутнинг келажагига тааллуқли режалар тузмайди. Наима Байтлаҳмга елдек учиб бориб, қадрдон дўстларини қидириб, уларга ниманидир исбот қилиш мақсадида эмас эди. Йўқ, у шошмасдан секин боради. Энди эса унинг ва Рутнинг бошпанаси, егани нонлари бўлгандан кейин шошилишнинг кераги йўқ. Одамлар Рутни кузатишсин, яхшилаб таниб олишсин. Бунинг учун вақт керак. Чунки кимлардир яхшилаб таниб олганидан кейин, уни қаттиқ ҳурмат қиладиган бўладилар. Унинг азиз Рутидан ташқари бу дунёда яна ҳам ажойиб аёл бормикан? Ҳаммасидан ҳам кўра Наимага, Худодан, Ўзинг раҳнамолик қилгин, деб сўраш учун вақт керак, гарчи Худонинг Ўзи унинг кўнглига умид уруғини солган бўлса ҳам. Наима охирги ўғлини дафн қилганидан кейин, биринчи бор унинг ҳаёти тўхтаб қолмасдан, аксинча келажак олдинда эканини кўрди. * * * Аёллар ўзаро суҳбатлашишарди… «Менинг фикримча, у ёқимтой қиз». «Чунки у сенга ёқади-да». «Бугун Ришон, Носир ва Тиркаш у билан гаплашмоқчи бўлганлари учун сен уни қизғаняпсан». «У умуман эркакларнинг ёнида ишламаётганини сездингми?» «Рут ҳатто уларнинг нигоҳларига ҳам жавоб бермаяпти». «У Махлўнни жуда ҳам севган бўлса керак». «Рут қайнонасига садоқатли, албатта». «Онамнинг айтишларича, Рут ҳар куни эрталаб, ишга кетишидан олдин қудуқ ёнига келар экан, мешни сувга тўлдириб, қайнонасига олиб бориб бераркан». «Демак, у тонг отмасдан уйғонар экан». «Шамаш ундан кўзини узмаяпти». «Ҳамма эркаклар ундан кўзларини узмаяпти». «Ҳеч ким мўаблик, бунинг устига, турмушга чиққан аёлга уйланмайди». «Рут ва унинг қайнонаси ғорда кун кечираётганларини кузатиб туриш, аянчли, албатта». «Улар ғорда яшашяптими?» «Шаҳардан четроқдаги, қишда чўпонлар ўзларининг подаларини боқадиган ғорларда яшашяпти. Биласанми?» «Мен уларни шаҳарда яшашяпти, деб ўйлайман». «Наима вақтини шаҳарда ўтказиб, дўстларидан хабар оляпти, у-бу нарса сотяпти». «Эрига тегишли уйи-чи?» «Отам айтганини эшитгандим. Наиманинг эри оиласи билан Мўабга кўчиб кетишидан олдин, ўзига тегишли уйни ва ерларни сотиб юборган экан». «Ҳамма улар ҳақида гапиряпти». «Айниқса, Рут ҳақида». «Сен рашк қиляпсан!» «Мен рашк қилаётганим йўқ!» «Бўлмасам, нега уни сен шунчалик ёқтирмайсан?» «Чет эллик аёллар бизнинг эркакларимизда фаҳш ўйлар қўзғатади». «Чет элликларнинг яҳудийлар ибодатхонасига борадиган одатлари йўқ». «Уни прозелит деб айтмоқчимисан?»[7] «Ҳар шанба Рут қайнонаси билан жамоатга боради. Руҳоний қонунни ўқиётганда, унинг ҳар бир айтган сўзларини илиб олади. Улар орқароқда, бевалар билан бирга туришади. Мана шунинг учун ҳам сен уларни кўрмаган бўлишинг мумкин. Сен олдинроқда, боғнинг олдида туриб, Носирни кузатиб турасан». «Қандай қилиб бу гапларни айтяпсан, Тирса, сен ҳам қолишмайсан. Чунки сен ҳам Лагадга кўз олайтирасан». «Мен нима ҳам қила олардим? У жуда ҳам чиройли». Ёш жувонлар Байтлаҳмга ҳангомалашиб кириб келишди. * * * — Бўаз уйланмаганми? — деб ҳайратланиб сўради Наима. У бу янгиликни қадрдон дугонасидан эшитди. Айбдорликнинг ўткир оғриғи Наиманинг юрагига қадалди. — У нимасидир ёмон бўлса керакки, ҳозиргача уйланмаган бўлса? — Бирон ёмон жойи йўқ, — деди Сигал донларни тегирмон тошига тўкар экан. — Балки ўзига хотин қидиришга вақти бўлмагандир? У бутун ҳаётини ўзига бойлик тўплаш билан ўтказди. Бўаз бошқа ер эгаларига ўхшамайди. У кунини далада ўтказади. Далада бўлмаса, шаҳар дарвозалари олдида ўтириб, баҳсларни ечишга ёрдам беради. — Бойликнинг қандай аҳамияти бор, буларнинг ҳаммасини давом эттирадиган меросхўр ўғлинг бўлмагандан кейин? — У ҳали ўлмади-ку, Наима. Агар уйланмоқчи бўлса, у ўзига хотин қидириб топиши мумкин. Ишонавер менга, агар у уйланиш ҳақида сўз очса, кўпчилик оталар ўйланмасданоқ қизларини Бўазга хотинликка беришади. У Байтлаҳмдаги энг бадавлат одам бўлиб кетди. — Ва энг ёлғиз одам. Сигал кулиб юборди. — Бу одамнинг ёлғизликдан қайғуришга вақти йўқ. — Барибир одам ачинади-да, у ҳали уйланмаган. — Балки у бекаму кўст, чиройли, ақлли, онасига ўхшайдиган жуда ҳам кучли эътиқодга эга бўлган қизни қидираётгандир? Баъзи бир эркаклар амалга ошмайдиган орзуларни дилларида сақлаб юришади. — Баъзи бир эркаклар эса уларни севадиган аёлларга уйланишни хоҳлайдилар. — Байтлаҳмда ҳамма Бўазни яхши кўради, ҳурмат қилади. — Балки у ўзини севиб қоладиган аёлни кутяптимикан, деб ўйлайман. — Шубҳаланяпман. Кўпчилик эркаклар тушунишади: севиб қолиш учун вақт керак. Агар аёл эрини ҳурмат қилса, унда турмуши бахтли бўлишига умид қилса бўлади. — Сигал, сен донишманд аёлсан. — Мен ҳар доим зеҳнли бўлганман. Наима ҳамон ҳайратда эди. Наҳотки Наима Бўазни шунчалик хафа қилган эканки, у бошқа аёлга турмуш қуришни таклиф қилишга журъат этмаган? Бу ўйдан Наима хафа бўлиб кетди. Йўқ албатта, унинг қилган муомаласи Бўазни сўққабош бўлиб қолишига асос бўла олмас эди. Қандайдир тентак бир қиз деб, турмуш қуришдан воз кечиш — бу Бўазга хос эмас. Чунки Бўаз ақлли одам эди. Бу ҳақда ундан сўрасаммикан? Наиманинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди. Йўқ! Ҳеч қачон! У Бўазга ўтмиши тўғрисида сўзлай олмайди, чунки уни хижолатга солиши, ўзининг келажагини эса хавф остига қўйиши мумкин. У фақат анча йил олдин Бўазга келтирган оғриқларини юмшатишни истарди. Бўаз нима сабабдан уйланмаганлигига қарамасдан, Наима унинг ёлғиз яшаётганидан хавотирда эди. Эркак киши ёлғиз яшашга муносиб эмас. Бунинг устига Бўаз бой одам. Худо уни ерлар ва бойликлар билан марҳаматлади. Лекин У биттаю битта, асосий нарса билан — унинг ҳаётини тўлдирувчи ва унга ўғиллар туғиб берадиган хотин билан марҳаматламади. Ҳар бир одам ўз оиласига эга бўлиши керак. — Анча йил олдин миш-мишлар юргани ёдимда, — деди Сигал буғдой янчишда давом этар экан, — Сен билан Бўаз ҳақида. У айёрона кулиб, Наимага қаради. — Миш-мишлар биз юрадиган қумга ўхшамайди, — деди Наима. — Агар бу миш-мишлар тирилса, яхши инсонни хўрлайди. Элималик отамга қалин пули берганда мен ўн тўрт ёшда эдим. — Ҳамма қизлар сенга ҳасад қилишарди. Элималик жуда ҳам чиройли эди-да. — Элималик ерини сотиб, мени ва болаларини Байтлаҳмдан олиб чиқиб кетаётганида ҳам, улар менга ҳасад қилишганмиди? Сигал унга ҳайратланиб қаради. Наима сўзларининг қўполлигидан қиёфаси ўзгариб кетди. — Кечир, дугонажон. Шунча йил ўтган бўлса ҳам, мен ўша мудҳиш кунни эслайман. Сигал дон янчишни тўхтатиб, Наимани бағрига босди. — Шу йиллар ичида мен сен ҳақингда тез-тез ўйладим. Наиманинг кўзларидан дурдай ёш оқди. — Ўша ўзга ерда яшаган ҳар бир куним мени юртимга қайтишга мажбур қиларди, — деб Наима енгил нафас олди. — Лекин буларга қарамасдан, Худо менга Рутни бериб, мени марҳаматлади. — Ҳақиқатдан ҳам, — деб, тасдиқлади Сигал. — У сени худди ўз онасидай яхши кўради. — Агар у менинг ҳосилимдан бўлганда ҳам, мен уни бундан ортиқ яхши кўра олмаган бўлар эдим. — Худо уни сенга бериб, сенга тасалли берди, Наима. У ажойиб қиз, деб ҳамма айтяпти. Наима бундай сўзларни эшитиб, хурсанд бўлиб кетди. Рутга энди «мўаблик»ка қарагандай қарашмаяпти. Албатта, Худонинг Ўзи унинг яхши фазилатлари Байтлаҳм аҳолиси томонидан сезилмай қолмаслиги ҳақида ғамхўрлик қилди. Лекин бир савол ечилмай қолаверди: Бўаз уларни билдимикан? Тўртинчи боб Бўаз ҳар куни арпа даласида ишлар қандай кетаётганини билиш учун келарди ва ҳар куни ёш мўаблик қизни секингина кузатарди. Рут ҳар куни ўроқчилар билан бирга ишлар эди. Бўаз бу қиз билан гаплашмасди, чунки ишчилари ўртасида ғийбат бўлишини хоҳламас эди. Ишчилар билан овқатланаётган пайтда ҳам, Бўаз ёш аёлга қарамасликка ҳаракат қиларди. Бундай қийин масала билан у ҳали тўқнашмаган эди. Арпа йиғим-терими тугади. Энди етилиб белга урган буғдой ишчиларни кутаётган эди. Келаси бир неча ҳафта ичида ҳамма донлар йиғиб бўлинади. Рут Наима иккаласига бир йил ичида етадиган донларни йиға олдимикан? Бўаз уларни Байтлаҳмдан ташқаридаги ғорда яшашларини биларди. Шу ғорга яқин жойлашган дала Бўазники эди. Лекин кейинги йиғим-теримгача улар ғамлаб қўйган донлар етармиди? Бўаз ишчиларига қаради. — Бу мўаблик қиз бизнинг ишчиларимиз орасидан дўстлар орттириб олибди-да, — деди у назоратчига. — Ҳамма уни ҳурмат қиладиган бўлди, ҳамма унга таҳсин айтяпти. Бўаз Шамашдан бу ҳақда сўрамаган эди, лекин унинг сўзлари маъносини тушунди. Узоқроқда туриб ҳам, худди Рутнинг онасидай, ундан ҳайратланишарди. — Ёшлар-чи? У бирортаси билан қизиқяптими? — Рут ҳар доим хизматкорлар орасида. У эркакларга эътибор бермаяпти. Мен ҳеч қачон мўаблик қизларнинг, бошқа аёллардан фарқли ўлароқ, эркакларнинг диққатини тортишга ҳаракат қилганини кўрмаганман. У эрта тонгдан ишга келиб, кеч кирганда кетади. Кўриниб турибдики, у ишидан мамнун. Эшитишимча, у бошқа хизматкорлар билан бирга қўшиқ айтяпти, — деб, Шамаш кулди. — Рут мендан ҳар доим, сизга миннатдорлигини айтиб қўйишимни илтимос қилади. Нега сиз у билан гаплашмайсиз? — Одамлар қанчалик сергапликларини ўзинг биласан-ку, — деб Бўаз отга минди. — У сенга ёқади, шундай эмасми? — Ҳамма бу қиздан ҳайратланади. Мен ҳеч қачон бундай олқишларга сазовор аёлни кўрмаганман. У тўғрида бирон ёмон сўзни, ҳатто шаҳарда ҳам эшитмадим, — деб, Шамаш далада ишлаётган ёш-ялангга қаради. — У яхши хотин бўла олади. Бўаз тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилди. Наҳотки Шамаш Рутни ёқтириб қолган бўлса? Шу хаёлга берилганда, сўлаги оғзига тиқилиб қолди, Бўазга бу гап ёқмади. Наҳотки у инсонга хос бахтга ҳасад қилса? Ундан бошқа ким ҳам, ёлғиз одам дўстлари орасида ҳам ёлғиз бўлишини, яхши биларди?! — Раҳмдил хотин ўзининг оғирлигича келадиган бўлак олтиндан ҳам аълодир, Шамаш. Яхши хотин эрининг бошидаги гулчамбарга ўхшайди. Бу ёш аёл ҳар қандай эркакни ҳурмат қилади, — Рут унга қараб турганини кўрди. Аммо Рут дарров нигоҳини олиб қочди. Шамаш Бўазга диққат билан қаради, ғалати кулиб қўйди. Бўаз бундан ҳайрон бўлди. Билинар-билинмас қовоғини солиб, бошини ирғитди: — Юрагингдаги мақсадларингни Худонинг Ўзи амалга оширсин, Шамаш. Назоратчи таъзим қилди. — Сизнинг юрагингиздаги умидларингизни ҳам Эгамнинг Ўзи марҳаматласин. Байтлаҳмга элтадиган йўл бир оз узоқ эди. Бўаз отини хизматкорга бериб, дарвоза ёнида ўтирган оқсоқолларнинг суҳбатларига қўшилди. У муаммоларни ечишга ёрдам берди, шаҳарга келаётган хизматкорларни кўргунча, шаҳар ишлари билан шуғулланди. Улар орасида Рутни кўрганда, унинг юраги тез-тез ура бошлади. У бошқа қизлар билан бирга келар, уларнинг гапларини эшитиб, кулиб келаётган эди. Лекин уларнинг гапларига аралашмади. Бўаз ёнидан ўтиб кетаётган Наимани кўриб, ҳайрон бўлиб қолди. У дарвозадан чиқиб, Рутни кутиб олгани келди. Улар бир-бирлари билан ўпишиб кўришди. Бошқалар Байтлаҳмга кириб келишаётганда, улар бир-бирлари билан гаплашиб турдилар. Рут билан Наима ўзларининг соддагина бошпанасига кетар экан, Рут Бўаз тарафга қаради. У Бўазга қараб кулди, унга таъзим қилди. Наима ҳам Бўазга қаради. Бўаз улардан нигоҳини олиб қочди, оқсоқолларнинг гапларига мажбуран қулоқ тутди. Ҳа, айтгандай, улар қонуннинг қайси моддасини муҳокама қилаётган эдилар? У бир дақиқага кўзини юмиб, ўзини худди ўйга толгандай қилиб кўрсатди. Лекин тўғрисини айтганда, дукиллаб ураётган юрагини хотиржам қилишни хоҳларди. * * * Ҳар куни Рут Бўазнинг даласидан қайтиб келганда, Наима унга саволлар берарди. Рут Наимага ўроқчилар ва хизматкорлар билан ўтказган вақтини айтиб бергандан ҳузур қиларди. Айниқса, Рутнинг Бўаз ҳақидаги фикрини эшитгиси келарди. Лекин у Бўаз ҳақида ҳеч нарса демас эди. У фақат ажойиб аёллар, ўзининг қилган ишлари тўғрисида гапирарди, холос. Айрим вақтларда эса улардан ўрганиб олган қўшиқларини куйларди. Аммо энди Наиманинг умид қилишига асос пайдо бўлаётган эди. Бугун у Рутни кутиб, дарвоза олдида турган эди. Бўаз уни кўрмади, лекин Наима шундай жойда турган эдики, Бўазни кузатиб туриш учун қулай жой эди. Дарвозанинг олдига унинг хизматкорлари келишаётганда Бўаз бошини ирғитди. Оҳ… Бўазнинг Рутга кўзи тушган пайтдаги аҳволини ҳар бир сониясигача Наима аниқ айтиб бериши мумкин. — Бўаз далага тез-тез келиб турадими? — Олдинги ҳафтада уч марта, бу ҳафта эса тўрт марта келди. «Эҳ-а», деб Наима қониқиш ҳосил қилди. Бу қиз, яъни Рут ўз хўжайинининг далага неча марта келганини ҳисоблаяпти. Бу яхшилик аломати эди. — У сен билан ҳар куни гаплашадими? Рут «йўқ» деб бошини қимирлатди. — Унинг даласида ишлашимга биринчи марта рухсат берганда гапирган эди, ўшандан буён у мен билан ҳали гаплашгани йўқ. У жуда ҳам банд. — Ҳм. Шунчалик эмасдир-ов, ҳеч бўлмаса у сенга кичкинагина бўлса ҳам бирон яхшилик қилгандир. У Рутни диққат билан кузатиб турди, бу сўзларни эшитиб, қан-дай таъсир билдираркин, деб ўйлади. Рут Наимага эътироз билдирганидан у қониқди. — О онажон, йўқ. Бўаз менга жуда ҳам ғамхўр. У ўроқчиларга мен учун бошоқ ташлаб кетишларини айтиб, менинг ишимни енгил, осон қилади ҳар доим! Биз иккаламиз ҳам у қилган яхшиликлардан миннатдор бўлишимиз керак. Буғдой ва арпаларнинг ҳар бир дони учун биз унга ҳамду сано айтишимиз керак. — У сенга ёқадими? Рут кўзларини олиб қочди. — Унинг даласидан ишлайдиганлардан ортиқ эмас, — у ғор оғзида ўтириб, Элималикнинг ишлов берилмаган даласига нигоҳини ташлаб ўтирарди. — Онажон, у нега ҳали ҳам уйланмагани-га тушунмайман. Худо уни шунча бойликлар билан марҳаматлаган, лекин хотин ва ўғиллар билан эмас. Нега шундай бўлган экан? Наима ичида кулиб қўйди. Рут унинг хунук қиёфаси ичида турган, аммо арслон юрагидай ураётган юрагини кўра олди. Нега энди уни яна озгина синаб кўриб, унинг раҳмдиллик туйғусини бошқа туйғуга айлантириш мумкин эмас? — Бўазнинг ташқи кўриниши ҳеч қачон бировни ўзига жалб қилмаган, — Наима шундай дегани учун Рут ҳайрат билан унга қаради, аммо яна шошиб қўшиб қўйди: — Афсус, у кўримсиз. — Бўаз Махлўнга ўхшаб чиройли эмас, лекин мен уни кўримсиз, деб ҳисобламайман. — Сен уни биринчи марта кўрганингда, у сенга сал бўлса ҳам ёқимли бўлиб кўриндими? Рут уялганидан қизариб кетди. — Мен ҳеч қачон ўйламагандимки… — деб бошини қимирлатди. — Албатта, сен уни жуда хунук деб айтмайсан. — Наҳотки менга нон берган одамни хунук десам? Ҳеч қачон бундай демайман! Лекин мен ўзимни кўрмаётгандай қилиб кўрсатмоқчимасман. Бўаз — меҳрибон инсон, у қонунни фақтгина ўқиб қолмасдан, ҳурмат ҳам қилади. Лекин унда қизларнинг қалбини забт этадиган сифат етишмайди. — Унинг бойлиги, обрўси бор. — Наҳотки бойлик ва обрў сени ўғлимни севишингга мажбур қилган эди? Агар Махлўн хунук, пакана, озғин бўлганда, сен уни ёқтириб қолган бўлардингми? — Махлўн фақатгина чиройли бўлибгина қолмаган эди, онажон. Сиз ҳам буни яхши биласиз. — Биз ҳозир турмуш қургандан кейин одамлар ўртасида ҳосил бўлган севги ҳақида гаплашганимиз йўқ, жонгинам. Биз ҳозир Махлўнни биринчи марта кўрганингда, у ҳақда нима деб ўйлаганинг тўғрисида гаплашяпмиз. Худо менинг ўғлимга кўп марҳамат кўрсатган. У ҳеч бўлмаганда вафодор хотинининг севгисини билар-ди, — деб Наима хафахол бошини қимирлатди. — Бечора Бўаз, — деб Наима танглайни чиқ эткизди. — Унинг ҳеч кими йўқ, энди эса кеч. Рут хавотирлангандай кўринди. — Нега энди кеч? — У қариб қолди. — Вой ойижоним-эй! — деб Рут кулиб юборди. — Ўзингиз кеча менга Иброҳим Исҳоқни юз ёшга кирганда кўрган, деб айтдингиз-ку, Бўаз нари борса элликка борган-да. Бу қизнинг қиёфасида Махлўн қанчалар хазина топган эди. Қанийди Махлўн Рутга ўғил берганда эди, Наима хавотирга тушмаган бўларди. Энди эса Махлўнинг исми йўқолиб кетади. Наима бунга бефарқ қараб тура олмасди. Оҳ Элималик, агар сенда кучли эътиқод бўлганда эди, сенинг ўғилларинг анови, пастликдаги даладан буғдойларни йиғиштираётган бўлардилар. Сен Худодан мерос олган бўлардинг. Сен Худога онт ичиб, уни эълон қилган бўлардинг ва қонун бўйича яшаб, Бўазга ўхшаб марҳаматланган бўлардинг. Бунинг ўрнига, менинг суюкли эрим, сен Худонинг меросидан бош тортиб, бойлик ҳақидаги ўйларга берилиб кетдинг. Сен бу бойликларни қийинчиликлар билан топган бўлсанг, ҳаммаси йўқолиб, кулга айланди. Сенинг ҳаётинг мана бу далага ўхшаб бепуштдир. Ҳатто сенинг ўғилларинг ҳам вафот этиб кетдилар. Сен ўзингдан кейин ҳеч нима қолдирмадинг. Мен сендан жуда хафаман, Элималик. Менинг ҳар бир ҳужайрам маъносиз яшаган ҳаётингга, сенга қаршидир. Мен ўзимдан ҳам хафаман, чунки сенинг чиройли ҳуснингга, ёқимтойлигингга, сенинг чиройли сўзларингга осонгина ишониб, алданиб қолдим. Сен у пайтда ҳамма бўлиб ўтган воқеаларни, осон ва нотўғри йўлни танлаб, ўз яқинларингга қандай қийинчиликлар келтиришингни билмас эдинг. Лекин Худо мени уйимга олиб келиб, қандай кечирган бўлса, мен ҳам сени шундай кечираман, чунки сен қандай одам бўлишингдан қатъий назар, мен сени севардим. Бундан ташқари, сен тўғри деб ўйлаб, қилган хатоларингданўзинг энг кўп азоб чекдинг. Наима эрини севарди, лекин шундай бўлса-да, у шуни яхши билар эдики, Элималик Бўазга ўхшаган эмас эди. Унинг эри Худонинг марҳаматини рад этди, ўзининг ерини тарк этиб, ўғилларини нотаниш юртга олиб кетди. Элималик Мўабда вафот этгандан кейин, унинг оиласи чорасиз қолди. Унинг ўғиллари, пушти камаридан бўлган мевалари Мўабдан хотин олиб, ўша ерда вафот этишди. Наима севги кўзи билан ҳақиқатни кўрди. Элималик Худонинг олдида гуноҳ қилиб, Уни бу бўлаётган воқеаларда айблаб, ўзининг гуноҳларидан афсусланиш ўрнига, ўжарлик қиларди. Наиманинг эри фикрича, ҳар бир одам ўз кучи билан муваффақият қозониши мумкин. Оҳ, инсонга оид телбалик! Бўазни Элималикнинг акси деса ҳам бўлади. Қийин вақтларда Худо ўзининг такаббур, Баалга сиғинувчи халқини жазолади. Бўаз эса Байтлаҳмда қолишни афзал кўрди. У Худога берган онтини эълон қилиб, У олдида тўғри ҳаёт кечирарди. Худо Бўазни мустаҳкам эътиқоди учун марҳаматлади. Энди эса у Байтлаҳмда энг бадавлат ва ҳурматли инсондир. У шаҳар дарвозаларида ўтириб, оқсоқоллар билан шаҳар аҳолисига алоқадор муаммоларни ҳал қилади. У ҳеч қачон ўзининг мартабасидан ғурурланмас эди. Бўаз ҳеч қачон бошқалар, омадсиз одамлар, ҳатто мўаблик ёш бева аёлни ҳам унутмади. Элималик ҳар доим бир нарса ҳақида гапирарди: — Худо биздан юз ўгирди, шунинг учун сизларга мен ғамхўрлик қиламан! Бўаз ҳаётида шуни эълон қиларди: — Менинг боқувчим — Худодир, мен Унга умид боғлайман. Албатта, бундай одамнинг хотини ҳаётдан хурсанд бўлиб яшаса бўлади. Наима эса Рутнинг бахтли бўлишини истарди. У ҳамма нарсадан воз кечиб, қайнонаси ҳақида ғамхўрлик қилаётган қизини хурсандчилик нима эканлигини ҳис қилишини истарди. Лекин бир муаммо пайдо бўлган эди. Бўаз уларнинг ягона қариндоши эмас эди. Наима ўзининг шаҳарга ташрифларидан бирида бошқа эркак, яъни Бўаздан кўра унга жуда ҳам яқин бўлган қариндоши ҳақида эшитиб қолди. У ёшроқ эркак эди, У ҳамма аёлларга ёқарди, аммо уларга ноз қиларди. Наиманинг Элималигига ўхшаган эркак. * * * Наима Бўаз ҳақида Рутга гапирганда, у ташвишга тушиб қолди. Эртаси куни Рут далага келиб, кўз қири билан Бўазни кузатиб турди ва Бўазга нисбатан қандайдир илиқ муносабат пайдо бўлганини сезди. Бўазни ҳамма ҳурмат қилар, яхши кўрарди. Лекин бу севги отасига ёки катта акасига бўлган севги эди. Бирон аёл Бўазга севги кўзи билан қараган эканми? Кимнингдир юраги уни кўрганда тез уриб кетганмикан, худди Рут Махлўнни кўрганда бўлганидай? Рут буни тасаввур қила олмасди, у хафа бўлиб кетди. Бўаз неча ёшда экан? Эллик ёшми? Олтмишми? Бечора. Унинг бойлиги бор, лекин ундан кейин нима қолади? Эй Худойим, Исроил халқининг Худоси, Бўазнинг исми йўқ бўлиб кетишига йўл қўйма! Бўаз Шамаш билан гаплашаётганини Рут кузатиб турарди. Рут: «Қандай қилиб аниқроқ кўриниб турсам экан», деб ўйларди. У қачондир кулганмикан? Бўаз даласини айланмаганда, хизматкорларининг ҳолидан хабар олиб, уларнинг ишларини кузатмаганда, шаҳар дарвозаларида ўтириб, муҳим масалаларни ҳал қилмаганда, у нима билан банд бўларди экан? Унинг дўстлари бор, уни севган аёлга ишонгандек, у дўстларига ҳам шундай ишонармиди? У нима ҳақда орзу қилар экан? Рут унинг кўзларида ғамгинликни кўрди. Унинг ҳеч кими бўлмаганига, уни яқинроқ таниб олмоқчи бўлган инсон йўқлигидан шундай ғамгиндир? Рут Бўазни шундай диққат билан кузатиб турганда, Бўаз сезиб қолиб, у томонга қаради. Меҳрибонлик ҳисси Рутни чулғаб олди, у кулиб, Бўазга таъзим қилди. Дарров таъзим қилдию яна дарров кўзини ундан олиб қочди. Унинг Худога шукроналар айтиши учун сабаб бор эди, У: «Мени шу инсоннинг даласига олиб келганинг учун Сендан миннатдорман», деб айтди. У бошини яна кўтариб, Бўаз унга диққат билан қараётганини сезди. Рут у томонга қараганда, Бўаз бошқа томонга қараётган бўларди. Хизматкорлардан бири уларнинг нигоҳлари алмашаётганини сезиб қолди, уларга қизиқиб қараб турди. Рут ёнидаги аёл билан гаплашаётганда унинг юзи қирмизи рангга кирганини сезди. Наҳотки бу ёш аёллар, Рут ўзининг хўжайинига ниҳоятда қизиқиш билан қараяпти, деб ўйлааётган бўлишса?! Ахир, Бўаз бой одам эди-да. Шундай аёллар ҳам бўлган эдики, бирон баҳона билан кўнгилларидаги туйғу тўғрисида ўйламасдан, Бўазга турмушга чиқмоқчи бўлганлар. Рут бутун кун ҳаяжонланиб, диққат билан ишлади. Бўазга нисбатан одамларнинг қизиқишлари нотўғри талқин қилинишини истамас эди. Миш-мишлар Бўазнинг обрў-эътиборига таъсир қилиб, уни хижолатга қўйиши мумкин эди. У Бўазга қарамайди, бунинг ўрнига Рут учун ибодат қилади. Эй Раббим, раҳмдил Худойим, уни бахти қароларга қилган яхшиликлари учун ёдда тут. Унинг номи фақатгина бу авлодда эмас, келгуси авлодда ҳам қолсин, чунки у Сенинг содиқ қулингдир. У Сенинг номингни ҳамма ерда юқорига кўтаради. У Сенинг истагингни бажо келтиради ва Сенга итоат этади. Эҳ марҳаматли Эгам, бу одам сенга итоат қилди, Сен у орқали раҳм-шафқат, ғамхўрлик қиласан. Мен шуни етарли биламанки, Сен у билан биргасан, лекин Бўаздай одам албатта ёлғиз яшамаслиги керак. Унинг юраги нимани истаётган бўлса, Сен унга ҳаммасини бер… Эй Раббим… Рут ўз мурувватпешаси учун тинмай ибодат қилар эди. Рут Бўазнинг даласида ишлаётиб, ҳамма вақт у ҳақда ўйларди. Рут қанчалик кўп уни ўйласа, у учун ибодат қилса, унинг меҳрибонлигини шунча кўп кўрарди. * * * Наима ҳам сидқидилдан ибодат қиларди. Рутга бўлган севгиси Наимани ҳамма қайғуларини унутишга сабаб бўлди. У битта нарсани — келинини бу ғордан кўра яхши жойда яшашини орзу қиларди. Наима шуни тушундики, азоб чекишни тўхтатиб, қанчалик қийин бўлмасин, янги ҳаётни бошлаши керак. Наима ўзининг ҳаётига тўғри ва виждонан қараб, Элималикнинг қилган хатолари ҳақида унутиш вақти келди. Унинг режаларининг бирортаси ҳам амалга ошмади. Наима Кирхарашотдан чиқиб, бир ўзи Байтлаҳмга кетиши ҳақида ўйламаганмиди? Лекин у билан Рут бирга келди. Наҳотки у муҳтожликда яшаши ҳақида ўйламаган эди? Лекин Рут қайнонасини боқиш учун далада ишларди. Наима»: Наҳотки яқин дугоналарим, қариндошларим менинг ўлик-тиригимдан ёки шаҳардан чиқиб кетганимни ўйламаган бўлсалар?» деб хаёл қиларди. Лекин Наима анчагина дугоналарини, Бўазни ва бошқа қариндошларини топди. Рут Бўазни ўзига жалб қиларди. Хоҳлаган одам уни яхши билиб олмоқчи бўлиб кузатса, албатта бунга амин бўларди. Наима буни тушуниб олиш учун Бўазни яхши биларди: бу қизнинг юрагини забт этиш учун, у бирон хатти-харакат қилмайди. Бўаз ўз ҳис-туйғуларини айтгунча, роса қариб, сочлари ҳам қолмайди. Рут эса бутун ҳаёти давомида кекса қайнонасига ғамхўрлик қилади. У бели букчайиб, кучдан қолгунча ишлайди. Хўш, ундан кейин бахтиқаро қизнинг ҳаёти нима кечади? Наҳотки Наима ўз уйини бошқариш, Худо учун бола боқиш ўрнига, Рутнинг бошқа далалардан бошоқ тераётганини кузатиб ўтираверади? Онанинг бурчи оила чироғини давом эттириш эмасми? Худо ва Наимадан бошқа ким бу чиройли, ёш аёл ҳақида қайғуради? Шундай қилиб, Худойим биз нима қилишимиз керак? Қандай қилиб биз бу кекса одамни қўзғатиб, унда ҳаёт туйғусини уйғотишимиз керак? Агар биз унинг тахминларини кузатадиган бўлсак, унинг ҳаётга қайтишига умид қилса бўладими? Фараз қилайлик, Наима ҳақиқатдан ҳам Бўазнинг бошини айлантириш ҳақида режа тузди, дейлик. Лекин бу режа қандай бўлишидан қатъий назар, Рут буни амалга оширишга рози бўлармикан? У рози бўлиши керак! Наима кейинги кунларда, Бўаз Рутга қандай яхши эр бўларди-я, деб ўйладиган бўлди. Буғдой йиғим-терими якунига етай деганда, кекса аёл албатта Бўазнинг диққатини олувчи қўпол бир режа тузди. Наима, Бўаз бунга қандай қарар экан, деб ўйлаб, кулиб юборди. Лекин Рут унинг фикрига рози бўлармикан? Келин қайнонасининг гапига қулоқ солармикан? У ҳаётида кўп хатоларга йўл қўйган эдики, гўё унинг ҳаёт тарзи нотўғри йўлга боғлиқ эди. Наима эсанкираб, бундай хатти-ҳаракатларга даъват қиладиган сабабларни аниқ тасаввур қила олмасди. Лекин битта нарсани у аниқ биларди: Худо ҳамма нарсаларни тартибга солади, ҳаммасини тўғри қилади. У Рутни худди ўзининг қизидай яхши кўрарди. Наима келинини бахтли кўришни, Махлўннинг меросхўри, унинг авлодини давом эттирадиган невара кўришни истарди. У ёшлигида Бўазга келтирган қайғуларини бартараф қилмоқчи эди. Ҳаётдаги орзуларни рўёбга чиқариш учун энг яхши йўл — Бўазга бола туғиб берадиган ёш, чиройли аёлни хотинликка олиб бериш. Худодан бундан кўп нарса сўраш тўғримиди, Наима умри давомида Элималикнинг изидан чиқмаган бўлса? Рут ва Бўаз. Бўаз ва Рут. Худойим, уларни бир-бирларига мос деб ўйлайсанми? Мен розиман, Бўазга қараганда, у жуда ҳам ёш, лекин Бўазга ўхшаш соддадил кишига энг яхши ҳадя, яъни бундай ёшда ўз оиласи ва уй тўла болаларига эга бўлиш! Бахт деганлари шу эмасми? Болалари қандай бўлар экан? Сен ҳали кўрасан, уларнинг ўғил ва қизлари Баалга сиғинишмайди. Наима ибодат қилиб, қодир Эгамизга ўзи қиладиган ишларини гапириб берди. Энди эса жавоб кутиш қолди, холос. Бахтли Мусо ёнаётган буталар орасидан Худонинг овозини эшитган. Худо Наимага жавоб қайтаришини кутишдан кўра, ўйлаган нарсасини амалга ошириш учун осон йўлни Наима биларди. Лекин у ҳеч қайси дугонасига ишониб, уни қийнаётган масалаларни ўртоқлаша олмасди. Унинг тузган режаси Худонинг олдида тўғримиди? Агар нотўғри бўлса, бу Рутга қанчалик қимматга тушган бўларди? Худойим, бу менинг виждонимга ҳавола бўла қолсин. * * * Йиғим-терим охирлаб қолди. Наиманинг ўйлаган режаси ҳозир амалга ошиши керак эди, акс ҳолда кеч бўлади. Бўаз Рутнинг ҳамма фазилатларини яхшилаб ўрганиб олиши учун етарли вақт бор эди. Рут эса Бўазнинг қалбига катта ҳурмат билан кириб олиши керак. — Қизгинам, сен оила қидириб, тўқчиликда яшайдиган пайтинг келди. Мен сенга эр қидириб, сени яна бахтли қилмоқчиман. Рут кулиб юборди. — Ким ҳам менга уйланарди? — Мен назарда тутаётган одам — Бўаз. — Бўаз! — Рут қайнанасига қарамоқчи бўлиб, хумга солаётган донларидан бир қанчасини ерга тушириб юборди. — Бўлиши мумкин эмас, нималар деяпсиз, жиддий айтяпсизми? — Биламан, у сен учун қари… — У қари эмас. — Бўлмасам кўримсиз. Мана, нега рози бўлмаётганингнинг сабаби. — Онажон, у Байтлаҳмдаги энг ҳурматли киши! У оқсоқоллар билан шаҳар дарвозаларида ўтиради. У бой, унинг ерлари ва хизматкорлари бор! — У ҳақда ўйлаб кўришингга бу ҳам яна бир асос. Рут бошини қимирлатиб, бир вақтнинг ўзида ҳам хурсандчиликни, ҳам қўрқувни ҳис қилди. — Биламан, сиз мени жуда яхши кўрасиз. Лекин сиз ўғлингизнинг бевасини юқори баҳолаяпсиз. Қандай қилиб мен Бўазга муносиб эканлигим ҳақида ўйладингиз? Бу бўлмағур хаёллар. — Сен менинг ўғлим учун жуда яхши хотин эдинг, Бўаз учун ҳам шундай хотин бўласан. Рут донларни хумга солишда давом этди. — Агар мен унинг оёқларига йиқилсам ҳам, у менга эътибор бер-майди. — Сен ростдан ҳам, Бўаз менга эътибор бермайди, деб ўйлайсанми? Ха-ха! У аллақачон сенга эътибор берган. — Қилган яхшиликлари билан. — Яхшиликдан ҳам ортиқроқ. Сен ҳеч у ёқ-бу ёққа қарайсанми ўзи?! У сени кўрганда, ҳаяжонланади. Анчагина узоқ масофадан туриб ҳам, у сенга ҳайрат билан қарайди. Бу рост гап. — Сиз адашяпсиз. У мени, даламда ишлайдиган одамларнинг биттаси-да, деб қарайди. — Бўаз сенга қандай муносабатда эканини мен аниқламоқчиман. Ахир, мен сенинг келажагинг ҳақида ўйлашим керакми? Унинг кўзларидан билиб олиш мумкин, сен даладан қайтаётганингда у сендан кўзини узмайди. — У бошқа хизматкорларини қандай кутиб олса, мени ҳам шундай кутиб олади: «Худо ёр бўлсин» деб айтади. — Сенинг фикрингча, эллик ёшга борган эркак ёш мўаблик бе-вага суқланиб қарайдию, миш-мишларга эътибор бермайдими? Аёллар сени фоҳиша деб, уни эса қариб қолган жинни, деб айтишади. Эркаклар эса… эркаклар нима деб ўйлаши ҳақида гаплашмаймиз. Бўаз бизнинг қонунимизда ёзилган маълум бир вазиятда ташаббусни қўлига олиши мумкин, — Наима олдинга эгилиб, Рутнинг қўлларини қисди ва кулиб қўйди. — Лекин қонун биз тарафда. Рут хижолат тортди. — Мен тушунмаяпман. — Бўаз бизнинг яқин қариндошимиз, у сенга ишчилари билан бирга бошоқ теришингга рухсат бериб, бизга меҳрибонлик кўрсатди. У раҳмдил инсон, ҳамма муҳтожларга илтифот кўрсатади. Мо-домики у бизнинг қариндошимиз ҳам экан, демак, у бизнинг авлодимизни ўз ҳимоясига олиши мумкин. — Авлодимизни ўз ҳимоясига олади, дейсизми? — Худо ўз қонунида бевалар ҳақида ҳам ғамхўрлик қилган. Бўаз бизнинг қариндошимиз экан, у сени хотинликка олиб, сенга ўғил беради. Ўша ўғил Махлўннинг авлодини давом эттириб, Худо томондан берилган Элималикнинг ерини бир қисмига меросхўр бўлади. Рут қизариб кетди. — Наҳотки у киши менга қилган яхшиликларидан ташқари, мен ундан яна ўғил ҳам сўрайман? Ўғил бошқа одамнинг исмини кўтариб юради? Унинг ўз мероси-чи? — У сўққабош қолгани билан бирон нарса ўзгариб қолармиди? Рут, Бўазнинг ўғиллари йўқ, умид ҳам йўқ. — Сизнингча, мен… — қиз жим бўлиб қолди, уялганидан қизариб кетди, дудуқланиб давом этди: — У оқсоқоллардан бири, ахир! Албатта, бизнинг қариндошимиз эканлигини ўзи ҳам билади. Лекин у ҳеч нимани таклиф қилмаяпти, чунки у ўзига бундай мажбуриятларни олишни истамайди. — У таклиф қилмайди, ниҳоятда камтарин. У сенга нима ҳам дер эди, жон болам? «Мен сенга ўз хизматларимни таклиф қиламан», деб айтадими? Ҳеч қачон, майли, миллион йил ҳам ўтиб кетсин, у барибир бундай сўзларни айтмайди. Худо ҳам бунга йўл қўймайди. Мен Бўазни сендан кўра яхши биламан. Мен уни олдиндан биламан, кейинчалик дугоналарим менга айтиб берганларидан кейин унинг кейинги ҳаёти қандай кечганини билиб олдим. Бўаз ҳеч қачон бундай таклиф билан сенинг ёнингга келмайди. — Мен бундай инсоннинг хотини бўлишга арзимайман! — Йўқ. У сендан ўттиз ёш катта. Мен уни озгина билсам ҳам, Бўаз унинг ўрнига бошқа эркак, яъни ёш, келишган, чиройли гапларни айта оладиган йигит сенинг ёнингга келиб, унга турмушга чиқишингни кутяпти. Аммо Худо бунга йўл қўймайди. Қачонлардир Бўаз бир четга чиқиб қолиб, Элималикка Наиманинг қалбини эгаллаш учун йўл берган эди. Чунки Наима Элималикнинг чиройи ва ёқимлилигига маҳлиё бўлганди. Наҳотки Бўаз яна четга чиқиб қолиб, бошқа қариндоши Рутнинг қадр-қимматига етади, деб кутиб туради? Бўаз ҳатто совчи бўлиб келиши ҳам мумкин. — Бўаз ҳеч қачон ўзини таклиф қилмайди, ҳатто унинг ҳаёти бунга боғлиқ бўлса ҳам. — Ҳа, Наима ўйлаган нарса ҳақиқатдан ҳам содир бўлган эди. — Бу эркак ёқимсиз таклифлари билан сени қийин аҳволга солиб қўйишга журъат этолмайди. Рут қошларини чимириб, атрофга қаради. У яна Наимага кўз ташлади, Наима бир оз паришон ҳолда эди. — Ахир, мен сенга эр қидириб топишингга ёрдам беришим керак эмасми, Рут? Ўзингнинг бахтинг учун Бўазга турмушга чиқишга ҳаққинг бор-ку! Рут ўйланиб қолди. — Билмайман. — Қатъий қилиб йўқ дегандан кўра, бу жавобинг яхшироқ, — қониқиш билан деди Наима. — Агар мен сенга, Бўаз сени бахтли қилади, деб айтсам, ишонасанми? У бунинг уддасидан чиққунча қўлидан келганини қилади, — у Рутнинг кўзидаги ёшларни кўриб қолди. Келини рад этишидан олдин Наима режасини тушутира бошлади: — Бўаз бугун тунда хирмонда арпасини янчир экан, билиб олдим. Энди менинг гапларимга қулоқ сол: ювиниб-тараниб, хушбўй атирларингдан сурт, чиройли кийимларингни кий. Кейин хирмонга бор. Аммо ҳушёр бўл, Бўаз кечки овқат тугагунча сени кўрмаслиги керак. У қаерда ухлашини билиб ол, кейин унинг оёқ томонига ёт. Кейин у сенга нима қилишинг кераклигини айтади. Рутнинг ранги оқариб, кўзлари катталашиб кетди. — Наҳот мен шундай уятсиз иш қилсам? — Қизгинам, бу ёғини менга қўйиб бер. Агар сен бу кишига тур-мушга чиқмоқчи эканлигингни билдирмасанг, Бўаз умрини ёлғизликда ўтказади. Наҳотки бундай инсон ўғил кўрмасдан, бу ҳаётни тарк этиши керак? — Сиз нима қиласиз? — Менми? Нима бўларди менга? — Агар Бўаз менга уйланса, сизнинг ҳолингиз нима кечади? Мен қандай қилиб сизни бу ғорда ёлғиз қолдираман? Наиманинг юраги эриб кетди. Вой меҳрибон қизалоғим-эй! Рут барча қимматбаҳо тошлар ичида энг қимматлиси эди. Келини бой уйда яшашини Наима кўриб, яна ҳам қатъиятли бўлади. — Бўаз сени биринчи марта кўрган куниёқ сенга икки ҳисса кўп нон берди. Сенингча, мени муҳтожликда яшашимга у йўл қўяди-ми? — деб табассум билан бошини қимирлатиб қўйди. — Агар ҳаммаси Худодан сўраганимдай бўлса, бизнинг келажагимиз ҳақида умид қилса бўлади. Агар менинг режам амалга ошса, бу режа қари кампир сизларни унаштириб қўйгани учун амалга ошмайди, балки буни Худо хоҳлагани учун бўлади. Рут секингина нафас олди. — Яхши, — деб бошини қуйи эгди. — Ҳаммасини сиз айтганингиздай қиламан. Рут жиддий тортганидан, Наима бошини қуйи эгиб, бир дақиқа жим бўлиб қолди. Рут ўз ҳаётида баҳорни, Бўаз эса кузни кечиряпти. Келини ўзгариб қолганини Наима тушуниб турарди, лекин Наима, Бўаз келинимни бахтли қилади, деб ишонарди. Барибир кекса аёл ўйланиб қолди. Бу Худога маъқул келармикан ёки Худо ҳозиргача мўлжаллаган режасини амалга оширмоқчимикан? Эй Раббим, мен нима қилишим керак? Аёлларнинг режалари кўп, лекин Сен уларни ўзгартиришинг мумкин. Эгам, шафқатли бўл. Бизнинг қайғуларимизга барҳам бер, биз севгини яна билиб олишимизга ёрдам бер. Уйсизларга уй бер, бу уйни Сен ўзинг бошқар. Бўаз менинг келинимга далда бериб, уни ҳаётга ўргатсин. Эй Эгам, мен келинимнинг кўзларида ёлғизликни кўряпман. Лекин мен унинг кўзларида севгини ҳам кўряпман. Агар Сенга маъқул келса, Бўазнинг юрагини Рутга, Рутнинг юрагини эса Бўазга боғла. Агар улар фақат ҳамжиҳатлик ва бир-бирларини ҳурмат қилиш, бурч туйғуси билан яшашса, Сендан илтимос қиламан, иложи бўлса, бу туйғулар севгига айлансин. Уларнинг ҳар бири юракларида олов ёққин, токи уларнинг ҳаётларида бу олов уларни иситсин. * * * Бўаз эшакларга арпа боғларини юклади ва Байтлаҳм атрофидаги тепаликка қурган хирмонига қараб йўл олди. Шамаш ва ёш йигитлар боғларни ечиб, арпаларни ерга ёйдилар. У ерда бир жуфт ҳўкиз доира бўлиб айланар, бўйнига боғланган тахталарни судраб юришарди. Бу тахталарнинг пастки қисмига тош боғланган. Бу тош арпа пояларини эзиб, донларни чиқаради. Бўаз хизматкорлари билан бирга астойдил ишлаётган эди. Ҳаво иссиқлигидан поянинг ҳиди билан ҳўкизларнинг ҳиди қўшилиб ҳавога таралади. Ер янчилган поялар билан битта бўлди. Кейин ҳўкизларни хирмондан четга олишди, одамлар айриларни қўлларига олдилар. Бўаз донларни ҳавога шопирди. Енгил шабада қипиқларни учириб кетар, дон яна хирмонга тушарди. Бу иш оғир, зиқ иш эди. Бўаз янчилган донлар уюмига паншахани қайта-қайта суқди. Тер пешонасидан дурдай тўқилиб, енгсиз, узун кийимини ҳўл қилиб юборган. У ишдан тўхтаб, тер кўзига кириб кетмаслиги учун, бошидаги терини кийим этаклари билан артди. Кейин ишини давом эттирди, у ҳамду сано қўшиғини куйлай бошлади, хизматкорлар ҳам унга қўши-лишди. Иш олдинга юргани сари, Бўазнинг буйруғи бўйича ишчилар похолларни йиғишди. Чунки бу похолларни йил бўйи печда ёқишади ёки буқаларга ем қилиб беришади. Похол ва чори уюми кам бўлгани учун паншахага илинмади. Ишчилар паншахаларни бир четга суриб, курак билан олишди. Улар овқатланиб олиш учун ишни тўхтатдилар. Кейин яна хирмонда ишни давом эттиришди. Шабада тўхтаганда, айрим ишчилар тўқилган гиламчаларни олиб, улар билан донларни елпидилар, шу йўл билан донларни чорисидан ажратиб олишди. Қолган ишчилар эса донларни ғалвирдан ўтказа бошлашди, қипиқлар тиқилиб қолгани учун, улар қипиқларни олиб, четроққа ташлашди. Бу вақтда бир йўла мастакдан ҳам тозалардилар, чунки бу овқатга аралашиб қолса, бошни айлантириб, айрим касалликларга олиб келиши мумкин. Ҳосил шунчалик мўл бўлганидан, иш бир неча кунга чўзилди. — Бугунга етарли! — деди Бўаз. Унинг ошпазлари гўштни, ясмиқ ва ловияни димлаб мазали таом пиширишган эди. Сал ўтмай патнисда мевалар, нон ва мусаллас келтирилди. Халқ дам олиб, чақчақлашди, қўшиқ айтиб, кулишди. Осмонда биринчи юлдузлар пайдо бўла бошлади. Шамчироқни ёқишмади, чунки ўт кетиши мумкин, деб қўрқишди. * * * Рут хирмонга яқинроқ жойда ўтириб, Бўазнинг қўшиқ айтаётганини, кулаётганини, ишчилари билан мусаллас ичаётганини кузатиб турарди. Осмонда юлдузлар чарақлаганда, у яқинроқ келиб ўтирди, базм охирлаб қолганди. Бўаз ўрнидан турди, йиғилганлар тарқала бошлади. Хизматкорлар тунаш учун жой қидира бошлашди. Эртага тонгдан яна иш бошланади. Рут Бўазни ғарам ёнига ётганини кўрди. Рут катта, туртиб чиққан тошлар орқасида яна бир соатча беркиниб турди. Панадан чиқишдан олдин, у Бўазнинг ҳамма хизматкорлари ўзларига тунаш учун жой топганларига, уни сезиб қолмасликларига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлди. Миш-мишлар олов каби тарқалиб, унинг номини Байтлаҳмда бадном қилиб ташлаши мумкин эди. Бу фикр уни Бўаз ухлаётган жойга бораётганда қийнарди. Унинг юраги эса товуш чиқармай урар, оғриқдан ғижимланаётганга ўхшарди. Рут унинг ёнига келиб, ой ёруғида унинг юзини кузатар экан, уни бир туйғу қамраб олди. Бўаз ҳозир ўзининг ёшига нисбатан ёш кўринарди, тушида уни ҳамма хавотирлик тарк этган. У қўлини бошининг остига қўйиб ухлаётган эди. Рут титраб, унинг оёқ тарафига тиззалаб чўкди, уни уйғотиб юбормаслик учун секингина чойшабни кўтарди. Бўаз безовталаниб, қимирлаб қўйди. Рутнинг юраги аранг урарди. Рут тезда, шарпа чиқармай ғужанак бўлиб олди. Унинг оёғи остига ётиб, Бўаз тунда совқотиб уйғониб кетмасин, дея, Рут уни ёпинчиғи билан ёпиб қўйди. Сўнг у секингина нафас олиб, юраги тез дуккилаб урганидан, тинчланишга ҳаракат қиларди. У тинчланишга ҳаракат қилардию аммо Бўазга жуда яқин ётганидан унинг нафас олишини ва ҳароратини сезиб турарди, шунинг учун бундай пайтда қандай қилиб тинчланиш мумкин?! Рут унинг танасидан келаётган тупроқ, похол ва арпа ҳиди билан аралашиб кетган ҳидни ичига ютди. У Махлўннинг охирги кунларини кузатаётганда, оғриқ ва қўрқув ҳидини шунақа сезганини эслади. Бўаздан келаётган ҳид, ҳаёт ҳиди — оғир меҳнат, меҳнатнинг самараси ва Худонинг унга берган ери ҳиди эди. Унинг ҳиди Рутни ҳам жўшқинлантирар, ҳам тинчлантирарди. Рут тупугини ютиб, кўзларини юмди ва бу одам Рутнинг ҳаяжонини қўзғатди. Қўлини юзига қўйиб, қулоғидан эшитилаётган юрак дукиллашини сезди. Унинг ёнида ётган эркакнинг белига Рутнинг оёғи тегиб кетди. Унинг секин, бир текисда нафас олаётганини эшитиб турарди. * * * Бўаз ярим кечаси уйғониб кетди, аммо ўрнида ётаверди, у, нимадан чўчидим экан, деб ўйлаётган эди. Тушмикан? У тушини эслай олмади. У бир неча дақиқа тунги сукунатга қулоқ тутиб ётди, ҳаммаёқ осуда. Ҳақиқатдан ҳам атрофда ғайритабиий сукунат ҳукм суради. У ғарамнинг бошқа томонидаги ишчиси ҳуррак отаётганини эшитди ва тинчланди. Бўаз чуқур нафас олиб, кўзини юмди, яна ухлашга ҳаракат қилди. Аммо уйқуси қочди, ҳаводан ҳушбўй ҳид таралаётганини туйди. Секингина қошини чимириб, тўйиб ҳавони ҳидлади. Ўзига яна ҳавони ютиб, у ҳеч қачон бундай ёқимли ҳидни сезмаганлигини ўйлади. Қаердан келяпти экан бу ҳид? Балки тунги шабада унга гулларнинг ҳидини олиб келгандир? Йўқ, бу ҳид жуда ҳам ҳушбўй, одамни жунбушга келтиради. У худди хушбўй тутатқи ҳидига ўхшайди. Бўаз оёғини олдинга узатганда кимнингдир танасига теккандай бўлди. Қараса, кимдир ғужанак бўлиб, унинг оёқ томонида ётибди! У оёғини дарров тортиб олиб, ўтирди ва нотаниш меҳмоннинг ёпинчиғини тортди. Фоҳишадан бошқа ким ҳам бундай пайтда хирмонга келарди?! Аёл ҳам дарров ўтириб олиб, унга қаради. Қоронғу бўлганидан, Бўаз унинг юзини кўра олмас эди. — Кимсан? — деб у қўпол оҳангда шивирлаб. — Сизнинг қулингиз Рутман. Бўазнинг юраги оғир болға урилгандай, дукиллаб кетди. — Рут? — ҳаяжонланиб, секин овоз билан сўради. Рутнинг овози қалтираб: — Кечиринг, сизнинг ёпинчиғингиз менда, ахир, мен сизнинг қариндошингизман-ку! Бўазнинг оёғи Рутга тегиб кетганда, унинг танасидан тер чиқиб кетди. У Рут айтган сўзлардан ва у ўзига яқин ўтирганидан Бўаз зўрға нафас оларди. Бўаз истакларга тўла ёлғизлик орзуларида ҳам ҳатто Рут ундан бундай илтимос қилишини ҳеч қачон ўйламаган эди. Бўазни севадиган, унга фарзандлар туғиб берадиган ва унинг измидан чиқмайдиган хотинни қанчалар хоҳлашини Рут билармиди? Худойим, мен Рутдай қизни орзу қилишга ботина олармидим? Сен мени синаяпсанми? Мен ўзимга ёққан ишни эмас, тўғри ишни қилишим керак эмасми? Ўзинг биласан, мен Рутни биринчи марта кўрганимдан бери менинг юрагим унга боғланган. Ундай аёлни… лекин Худойим, Наима бошқа қариндошини ҳам албатта билади. Мен бу вазифани бажара олмаслигимни Наиманинг ўзи яхши билади. Оҳ Парвардигор, менга куч бер, ҳатто мен яна севиб қолган аёл бошқа эркак билан кетишини билдирганда ҳам, қандай йўл тутишим кераклигини менга кўрсат. — Қизгинам, Худонинг ўзи сени марҳаматласин! — унинг овози ичидаги туйғуларидан хириллаб чиқди. Бўаз уларни ўраб турган қоронғуликдан хурсанд эди. Чунки унинг иштиёқи ва маҳлиё бўлганини англатиб турадиган юзини кўра олмас эди. Рут унинг олдига келиб Бўазга қандай яхшилик қилаётганини ўзи тушунармиди? Бўазнинг боши айланиб кетди. У аллақачон оила қуришдан воз кечганди. Худо бор, қандай сабаб бўлишидан қатъий назар, У Бўазни хотин бобида марҳаматламаган. Лекин барибир, бу қоронғу тунда Рут пичирлаб гапирганда, унинг бир неча оғиз сўзи унда хотин ва фарзанд кўриш орзусини қайта жонлантирди. У Рутнинг қилаётган ҳаракатлари ва бу ҳаракатларнинг сабабларини тушуниб етишга ўзини мажбур қиларди. Албатта у буни Наима учун қилди! — Сен бошқа бой ёки камбағал ёш йигитлар орқасидан югурмасдан, бу ерга келиб, оилангга бўлган содиқлигингни кўрсатяпсан. — Бўаз, сиз ҳаммадан ҳам кўра менга меҳрибонлик кўрсатдингиз. Сиз мени ёпинчиғингиз билан ёпиб қўясизми? У Рутнинг овози титраётганини сезди, унга яқинлашиб, тинчлантирмоқчи бўлди. Рут Бўазни севиб қолган, деб ўйлаш соддалик бўларди, лекин Бўазнинг юраги бошиданоқ унга нисбатан боғланган эди. У Рутга уйланишдан бошқа ҳеч нарсани бунчалик истамаган эди, лекин бунга Худонинг хоҳиши бормикан? — Қизим, ҳеч нарсадан хавотирланма. Мен нима керак бўлса, ҳаммасини ўзим қиламан, чунки ҳамма сенинг покиза аёл эканлигингни билишлари керак. «Мен буни ҳаммадан кўра яхши биламан», деб Бўаз қўшиб қўйгиси келди. — Лекин ҳал қилиш керак бўлган бир масала бор. — Масала? — деб сўради Рут секингина, унинг овозида хаотирлик борлиги аниқ эшитилиб турарди. — Ҳақиқатдан ҳам мен сизларнинг қариндошларингиздан бири-ман, лекин сизларга мендан ҳам яқин бўлган бир эркак қариндошларинг бор. — Бошқа эркак? Шубҳасиз, қизнинг овозида умидсизлик жаранглаб турарди. У Бўазга яқинлашганда, Бўаз қўлини унинг оёғига қўйди, аммо дарров қўлини тортиб олди — унинг танасига олов югурганда бўлгандай тез тортиб олди. Нафсламбирини айтганда, Бўаз унчалик қари эмасди. Бўаз бизнинг гапларимизни ҳеч ким эшитмаяптимикан, деб, атрофга қаради. Агар Рутни хирмонда кўриб қолсалар, унинг бошига ташвишлар ёғилади! Бўазнинг ҳаёлида, агар бу аҳвол содир бўлса, у нима деган одам бўлади? Бошқа қариндошида Рутнинг покизалиги тўғрисида муаммо туғилиши мумкин. Бундай пайтда Бўаз Рутнинг дарз кетган номусини баҳона қилиб, унга тааллуқли мажбуриятлардан воз кечиши мумкин бўлар эди. Бутун шаҳар бугун кечқуруноқ улар билан содир бўлган ҳодисани тўқиб, уларни ғийбат қилишлари мумкин. Бу ҳақда бир йил эмас, бир неча йил гапиришлари мумкин. Бўаз бу қизни қанчалик орзу қилмасин, у Рутни шарманда қилгиси келмади. Агар бундай кўнгилсизлик содир бўлишига имкон берганда эди, у Худонинг олдида ҳозир бўла олармиди? Агар у ҳушёр турмасдан, ножўя иш қилиши билан Рутнинг бошига шармандалик ёғдирганда, Бўаз Рутнинг кўзига тик қарай олган бўлармиди? Йўқ! У Рутни бошқа йигитга топширадиган бўлса ҳам, Бўаз унинг пок номини сақлаб қолиши керак. Бу фикрдан унинг руҳи тушиб кетди. Бўаз тишини-тишига қўйиб, Рутни ўзига қолдириш орзуси билан курашарди. У қонунга панжа орасидан қарай олармиди? Бўаз Рутни қанчалик орзу қилишига қарамасдан, у Худога итоат қилиши керак. Худойим, мен уни қанчалик орзу қилишимни ўзинг биласан-ку. Мана, нега сен мени синаяпсан? Оҳ оқлайдиган Эгам, орзуларимга ён бермаслигим учун менга куч бер. Ўзингнинг йўлингда мени тўхтат, агар мен йўлингдан чиқиб кетсам, мен ҳалок бўламан! У менга қандай ҳиммат кўрсатган бўлса, мени ҳам унга шундай ҳиммат кўрсатишимга, унинг келажагини йўлга қўйишимга ёрдам бер. — Ҳа, — деди Бўаз Рутга, — бошқа қариндошинг ҳам бор, уни ҳам назарда тутиш керак. Тунни шу ерда ўтказақол, мен у билан эртага гаплашаман. Агар у сени қабул қилса, майли, у сенга уйлана қолсин. Агар йўқ деса, тепамизда Худо турибди, мен сенга уйланаман! Ҳозирча сен шу ерда қолиб, эрталабгача ухлайвер. Фақат хирмонда аёл киши бўлганини ҳеч ким билмаслиги керак. Рут яна унинг оёқлари остига ётди. Бўаз унинг борлигини жуда ҳам аниқ сезганидан, ичи зирқираб кетаверди. Бўазнинг ёнида қиз ётибди. У ҳеч қандай овоз келмаяпти, деб ўйлади. У ҳатто қимирламас ҳам эди. Бўазнинг унга теккиси келар, у билан гаплашгиси келарди, лекин у қўлларини тийиб, жим ётаверди. Бунинг ўрнига Бўаз ибодат қиларди. Эй Худойим… У юрагида авж олаётган ҳис-туйғуларни айтиш учун сўз топа олмасди. Бўаз Рутнинг борлигидан ҳаяжонда, унинг тўлиб бораётган умидлари эса Рутни ўзининг хотини сифатида кўришни истарди. Бундай туйғуларни ҳис қилганига неча йил бўлди? У Наимани севган пайтдан берими? Йигирма йилдан ортиқ! Рутнинг севгисига бўлган умиди Бўазни узоқ йиллардан кейин илк бор қўрқувни ҳис қилишга мажбур қилди. * * * Рутнинг пешонасидаги қора кокилларини нозик қўл олиб қўяётганда, Рут беҳосдан уйғониб кетди. — Тисс, — деб Бўаз бармоғини Рутнинг лабига қўйди. У Рутнинг ёнига чўккалаб ўтирди. Рут унинг юзидаги кулгуни кўрадиган даражада ёруғ тушиб қолганди. — Ҳамма ҳалиям ухлаяпти, — деди Бўаз. Ёруғ тушди. Хизматкорлардан биронтаси уйғониб қолмасдан олдин, Рут бу ердан кетиши керак эди. — Рўмолингни олиб, ерга ёз, — пичирлаб гапирди Бўаз. У Бўазнинг орқасидан юриб, тозаланган арпа уюмига борди. — Мен сени уйга совғасиз жўната олмайман, — у Рутнинг рўмолига тўрт чора дон солиб берди. Кейин уни боғлаб, Рутнинг елкасига ортиб қўйди: — Наима учун. Унинг сахийлиги ҳамон Рутни ажаблантирарди. У бундан ортиғини кўтара олмасди. — Сиздан миннатдорман, — деб Бўазга қаради. Уларнинг нигоҳлари тўқнашганда, Рутни шундай туйғу қамраб олдики, у худди бу кишини олдиндан билгандай, уларни қандайдир алоқа боғлаб тургандай туюлди. Эркаклар чиройли деб ўйлаган аёл-ларга қандай қарайдиган бўлсалар, Бўаз ҳам Рутга шундай қарарди. Бўаз Рутга худди бу аёл ўзиникидай қарарди. У Рутнинг юзига тикилиб, диққат билан кузатаётганда, унинг юраги тез урииб кетарди. Рут кўзини юмиб олиб, унга қараганда бой одам — Рутни орзу қилаётган одам уни лол қолдирарди. Бўаз унга қўлини узатди, Рут тўхтаб-тўхтаб нафас олди. Рут жим туриб, ўзига қўл тегизишини кутаётган бўлса ҳам, Бўаз қўлини тортиб олди. Унинг табассуми ота кулгусига ўхшаса-да, овозида бир оз таъна бордай туюларди. — Ҳаммаси Худодан. * * * Рут кўздан ғойиб бўлиши биланоқ, Бўаз Шамашни уйғотди. — Мен шаҳарга кетяпман. Қачон қайтишимни билмайман. Шамаш ўрнидан турди. — Бирон нарса бўлдими? Бўаз унинг елкасига қўлларини қўйди. — Йўқ дўстим, ҳаммаси яхши. Бугун эрталабоқ ҳал қилишим керак бўлган иш бор. Иш кутиб турмайди. — Бу муҳим иш бўлса керак. Сиз қачон хирмондан кетганингиз менинг ёдимда йўқ. Бўаз қилаётган ҳаракатини тушунтиришга шошилмади. У кимдир Рутни хирмонга келгани ҳақида ўйламаслигини хоҳларди. Бу куннинг охирида у Рутнинг эри бўлади. Бўаз қўлидан келганини қилиб, ўзини Рутнинг эри бўлишига ҳаракат қилади. Бу унинг қўлидан келадими, йўқми, буни фақат Худо билади. У Шамашнинг елкасидан қаттиқроқ қисди. — Мен учун ибодат қил, дўстим. Менинг истагим билан Худонинг хоҳиши тўғри келиши учун ибодат қил. Шамаш бир неча сония қовоғини солиб турди-ю дарров жавоб берди. — Худонинг Ўзи ҳар доим сизга донолик берсин. — Худо сенинг сўзларингни эшитсин. Бўаз Байтлаҳмга олиб борадиган йўлга тушди, унинг хаёлида тайёр режалар қалашиб ётарди. * * * Рут қуёш чиққунча уйга етиб келди. Наима ухламасдан уни кутиб ўтирган экан. Рут уни кўриб, ҳайрон бўлиб қолди. — Сиз мени тун бўйи кутдингизми? — Ахир, мен бундай кечада ухлай олармидим?! А? Нима бўлди, жон болам? Рут ғамгин кулиб, дон тўла тугунни ерга қўйди. — Онажон, иш ҳали битмади. Бўаз айтишича, бизнинг яқин қариндошимиз бор экан, — деб у дарров тескари қаради, чунки бу хабардан Рут ҳаяжонланганини Наима кўрмаслиги керак эди. — Лекин Бўаз, хавотирга ўрин йўқ, деб айтди. Агар яқин қариндошимиз менга уйланмайдиган бўлса, у ҳолда Бўазнинг ўзи менга уйланар экан. Бўаз Эгамиз номи билан онт ичиб, менга уйланишини айтди, — Рут беҳосдан оқаётган кўз ёшларини беркита олмади. — Агар у ҳеч нима қила олмаса, мен бошқа кишига турмушга чиқишим керак бўладими? Мен ўша одамнинг қанақалигини билмайман-ку! Наима хўмрайиб, бармоқларини лабларига текизиб тақиллатди. Рут юзидан оққан ёшларни артиб, диққат билан Наимага қаради. — Сиз бу ҳақда билган эдингиз, шундай эмасми? Сиз бошқа қариндошимиз борлигини била туриб, мени барибир Бўазнинг олдига юбордингизми? — Мен сенга энг яхши эр насиб этсин, дегандим. Наима бошқа қариндоши борлигини биларди, у Рутнинг эри бўлиши учун исталмаган номзод бўлиши мумкин эди. — У қандай одам? — У ҳамма эркакларга ўхшаган оддий эркак, лекин мен уни сенинг эринг сифатида кўрмоқчи эмас эдим. — О онажон, бизнинг хоҳишимиз бу ерда аҳамиятлими?! Энди бу бизга боғлиқ эмас-ку! Рут йиғлаб юборди, охирги кундаги таранг вазият унинг қатъиятини ўзгартириб юборди. У хирмонга борганидан афсусланди. — Ахир, биз ўзимизни ўзимиз эплаётган эдик-ку! Ахир, Худонинг Ўзи ҳар куни бизга ғамхўрлик қилаётганди. Наима Рутни қучоқлади. — О болажоним-эй, кўп қайғураверма. Бўаз сенга уйланишни хоҳлаяпти. — Сиз бу ҳақда нимани биласиз? Эҳтимол, Наима Рутнинг кўзида акс этиб турган туйғулари ҳақида адашгандир? — Мана буларга қара! Сенингча, агар Бўаз учун ҳаммаси нима билан тугашининг фарқи бўлмаганда, у сенга шунча дон берармиди?! Бу ишнинг охири нима бўлишини билмагунимизгача кутиб турамиз, қизим. Бу киши ишни ҳал қилмагунча тинчланмайди. У бугуноқ бу ишни охирига етказади. * * * Бўаз уйига етиб боргунча шаҳар кўчаларидан тез-тез юрди. Бир неча хизматкорлар уйғониб, ўринларидан турган, уй ишлари билан банд эдилар. Ҳовли озода, нон ҳиди келиб турарди. — Абузамар, сув олиб кел, кейин Исмоилга айт, менинг янги қалпоғим билан чопонимни, белбоғимни олиб келсин. Бўаз яхшилаб ювинди, янги кийимларини кийди. Бошини рўмол билан ўраб, Худодан: «Менга зеҳн-идрок, куч бергин, тўғри йўлни кўрсатгин», деб сўраб ибодат қилди. У Худо билан гаплашаётганда шошилмади, балки қуёш юқорига кўтарилгунча хонасида ўтираверди. Аммо бу ишнинг ҳар қандай натижасига рози бўлишга тайёр эмас эди. Бўаз четдаги хонадан чиқаётганда, қараса, хизматкорлар йиғилиб олишиб, бир нималарнидир пичир-пичир қилиб гаплашяптилар. Улар ҳаяжонланиб, Бўазга қарашди. — Исмоил, сенга бир иш бор, — деб Бўаз бошқа хизматкорларга кулиб қараб қўйди: — Ҳаммаси яхши, ишларингизга бораверинглар. Улар Бўазнинг буйруғига итоат этдилар. Лекин улардаги қизиқувчанликни Бўаз кўрмади. Унинг лабларида ғамгин кулги ўйнади. Уларнинг хўжайинлари ҳар доим ҳам бугунгидай шиддат билан уйга отилиб кирмасди. Хизматкорларнинг бундай ҳаяжонга тушганларига ажабланамаса бўлади. Улар Бўазнинг уйга кечқурун чангга ботган, чарчаган ҳолда кириб келишига кўникиб қолишган. У фақат ювиниб, овқатланиб, секингина ибодат қилишга ва ухлашга ётгани ярар эди, холос. Ҳар куни аҳвол шундай эди. Лекин бугун бошқача кун бўлди! Бўаз Исмоилга ўзининг ўнтача дўстлари исмини айтди. Бўазнинг бу дўстлари ҳамма битимларда софдилликларини исботлашган. — Уларга бориб айт, ҳаммалари мен билан шаҳар дарвозасида учрашишлари керак. Уларнинг кўпчилигини ибодатхонадан топиш қийин эмас. Улар эрталаб кундалик ишларини бошлашдан олдин, тез-тез у ерда учрашиб туришарди. Бошқалари эса бу пайтда шаҳар дарвозасида ўтириб, шаҳар аҳлининг муаммоларини эшитиб, бу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадилар. — Улар билан гаплашиб бўлибоқ, Наима ва Рутнинг олдига бор, мўаблик Рутни биласан-ку. Уларнинг бошпанаси… — Мен уларни қаердан қидириш кераклигини биламан, хўжайин. — Яхши. Ҳозироқ уларни дарвоза ёнига олиб кел. Бўаз Наима ва Рутнинг қариндошини қидириб топиш учун бозорга йўл олди. Бўаз ўша одам ҳақида кўп нарсаларни биларди, лекин у тўғрида миш-мишларга қараб фикр юритишни хоҳламади. У Рутнинг масаласини шундай қилиб қўймоқчи бўлдики, шу заҳотиёқ у одамнинг феъл-атворини синаб кўриб билиб олиш мумкин бўлсин. Бўаз Ришонни — Обиднинг ўғлини, Элималикнинг укасини топгунча чодирлар ёнидан ўтди. Ришон бир неча савдогарлар билан гаплашиб турган, унинг хотини сопол идишдаги арпа донларини кекса аёлнинг саватига солаётган эди. Икки аёл ўртасида баҳс пайдо бўлди. Жаҳли чиққан Ришон уларга қаради, кекса аёлга бир нима деб қўлини силкитди. Бу кекса аёл норози қиёфада орқасига бурилиб кетди. Бўаз донг қотганича, бир неча дақиқа жим турди, чуқур нафас олиб, ўзича хаёл сура бошлади. Ҳозирги бўлиб ўтган воқеа Ришонни биринчи кўришдаёқ қандай эканлигини билиб олиш учун кифоя эди. Бўаз бўлиб ўтадиган суҳбатда равшан идрокни сақлаб қолиши керак эди. Ришоннинг болалари хотини билан чодир ичида эдилар. Бўаз Ришоннинг бева онаси қўлида аллалаб турган бола билан бирга учта болани санади. — Ришон, — деб сал узоқроқдан чақирди Бўаз. Ришон орқасига қаради, Бўаз уни қўли билан имлаб чақирди. — Бу ёққа кел, дўстим. Мен сен билан гаплашиб олишим керак. У тўнг муомала билан гаплашишга ҳаракат қиларди, худди Ри-шон билан ҳал қилмоқчи бўлган масаланинг ўзига аҳамияти йўқдай. Ришон дарров келди, у айбдор одам қиёфасида турарди. — Менимча, сен анави аёлни кўрдинг, шекилли. У ҳар доим кўп нарсани кутади, бошқаларга қараганда… Бўаз қўлини кўтариб, Ришонга, бўлди, ўзингни оқлама, дегандай гапини бўлди. — Мен сен билан бошқа масала бўйича гаплашмоқчиман. Ришон дарров хотиржам бўлди. — Бошқа масала бўйича? Қандай масала экан? — Юр, — Бўаз илтифот билан қўлини узатди. — Салқинроқ жойга бориб ўтирайлик. Улар шаҳар дарвозаси олдига бориб ўтиришди, У ниманидир диққат билан ўйлаётганига Бўаз эътибор берди. Ришон унинг ёнига ўтирди. Бўаз дарвоза ёнида йиғилган ўнтача эркакнинг исмини айтиб, бирма-бир таништириб чиқди. — Сизлар бугун бу ерда ҳал қилинадиган масалада гувоҳ бўлишга розимисизлар? Эркаклар рози бўлишди, масала нима тўғрисида эканини эшитиб, уни Бўаз билан Ришон ҳал қилишса, гувоҳ бўлиш учун уларнинг ёнларига ўтиришди. Ришон қовоғини солиб, йиғилганларга қаради, яна Бўаз тарафга бурилди. — Бу нимаси, Бўаз? Бўаз атрофга секин назар ташлаб, пана жойда турган Наимани кўрди. Бўаз Наиманинг орқасида турган Рутни кўргандан кейин, юраги баттар тез урди. У яна Наимага қаради, у эса қўлларини юрагига қўйди, озгина кулиб, бошини қимирлатиб қўйди. — Сен Наимани биласан-а, — деб гап бошлади Бўаз ва Наимани қўли билан кўрсатди. Ришон лоқайдлик билан кекса аёлга кулиб, бошини қимирлатиб, илтифот кўрсатди, уни таниганини билдириб, яна диққат-эътиборини Бўазга қаратди. — Наима Мўобдан қайтиб келди, — деб Бўаз гапини давом эттирди. — Ҳа, эшитдим. «Лекин у раҳм-шафқатини, Наимага қариндошлигига эътибор қаратмади», деб Бўаз ранжиган ҳолатда ўйланиб қолди. — Наима сенинг қариндошинг Элималикнинг ерини сотмоқчи. Ришоннинг кўзлари чақнаб кетди, чунки бу ер жуда ҳосилдор, шаҳарга яқин жойда эди. — Мен сен билан бу ҳақда гаплашиб олишим керак, деган қарорга келдим. Агар хоҳласанг ўша ерни сотиб олишинг мумкин. Агар сенга ер керак бўлса, гувоҳлар олдида сотиб ол, — деди Бўаз. — Яхши, — деб жавоб берди Ришон ва келадиган даромадни ўйлаб, юраги ҳаприқиб кетди, — мен ерни сотиб оламан. * * * Рут Ришондай чиройли эркакни кўрмаган. У Бўаздан анча ёш, қадди-қомати чиройли, юзлари қип-қизил, қора сочлари жингалак, соқоли ҳам ўзига ярашган эди. Унинг эгнида чиройли енгсиз кўйлак бор, ўзини тутишидан ҳамма нарсада ўзининг фойдасини ўйлайдиган бўлиб кўринади. У зийраклик билан йиғилганларга қараб турди, ҳаммани разм солиб кузатди. Боши мағрур кўтарилган. Гарчи Ришон қатъиятли кўринишга ҳаракат қилса ҳам, бироқ ўзини ўнғайсиз сезаётганини Рут кўриб турарди, гўё кимдир, сен ножўя иш қилгансан, деб уни айблаётгандай. Ришон Бўаз билан бўлган учрашувдан ҳаяжонда, у ўзидан катта, эътиборли бу одам олдида унга ҳурматини кўрсатиб тутарди. Лекин Рут, Ришон ўзини бундай тутишига юраги эмас, ақли уни бошқариб турибди, деб сезиб турарди. Ришоннинг Наимага қандай қарагани Рутга ёқмади. Ришон ўз қариндошига бир назар ташлаб қўйди-да, ҳаммасини тезда хаёлидан чиқариб юборди, гўёки Наима Ришоннинг эътибор беришига лойиқ эмасдай. Бўаз Ришонга, Наима эрининг ерини сотяпти, деб айтганда, Рутнинг юраги орқасига тортиб кетди. У қайнонасининг қўлидан ушлаб олди, бунга қарши эканини билдирди, лекин Наима Рутга эгилиб, пичирлади: — Бўаз нима қилаётганини ўзи яхши билади. Унга қўйиб бер. — Агар сен ерни сотиб олмоқчи бўлсанг, гувоҳлар олдида ҳозироқ сотиб ол, — деди Бўаз. — Агар хоҳламасанг, ҳозироқ айт, чунки сендан кейинги яқин қариндош мен бўламан, ерни мен сотиб оламан. — Ҳаммаси жойида, мен сотиб оламан, — шошқалоқлик билан деди Ришон. — Яхши, — деди Бўаз. Рутнинг юзидан қони қочди. Наҳотки у Бўазнинг туйғуларини нотўғри тушунди? Наҳотки Бўазнинг унга уйланиш хоҳиши тўғрисида адашган бўлса? Бўаз Рут томонгага қаради, гўё у эътиборини Рут фақат Ришоннинг хотини бўлишга қаратган эди. — Бу жуда яхши ер, — деди Ришон. — Афсуски, бу ерга анчадан бери ишлов берилмаган. — Албатта, агар сен ерни Наимадан сотиб оладиган бўлсанг, сен бева Рутга ҳам уйланишинг керак бўлади. У сенга фарзанд туғиб беради, бу фарзанд унинг эрининг исмини кўтариб юради, оиласи учун ерни сақлаб қолади. Ришоннинг шашти дарров сўнди. — Мўаблик аёлми? — у ҳафсаласи пир бўлганини беркитишга ҳаракат қилмади. Ришон нигоҳини Бўаздан олиб, оқсоқоллар ўтирган тарафга қаратди. Лабини қаттиқ тишлади-да: — Демак… — унинг ранги ўзгариб кетди. — Бундай бўлса, мен ерни сотиб олмайман, чунки бу менинг бойлигимга зарар етказади. — Бу билан у ўзини оқлаяпти, — деб Наима нафрат билан пичирлади. Ришонни нима хавотирга солаётганини Рут тушунишга ҳаракат қилди. Рут олдидаги мажбуриятини бажариб, Махлўн учун меросхўр қолдиришми? Ёки унинг бойлигининг маълум бир қисми Рут туғиб берадиган болага ўтишими? Йиғилганлар бир-бирлари билан пичирлашиб гаплаша бошладилар. — Унинг хотинига бу иш маъқул келмайди, — деди Рутнинг ёнида ўтирганлардан бири. — У Наиманинг олдидаги бурчини бажариши керак эди. — Ришон бу ерни сотиб олгандан кейин, у Элималикнинг ерини меросхўрига топшириши керак бўлади, шунинг учун Ришон бу ердан фойда кўрмайди. Ришон йиғилган одамларга қаради, у ҳаяжонда эди. У чориғини ечиб, Бўазга берди. Бу йўл билан у битим қонун бўйича тўғрилигини тасдиқлади.[8] — Сен ўзинг ерни сотиб олақол, мен хоҳламайман. Сен сотиб олавер, — деб ўрнидан турди ва йиғилган тўдани ёриб ўтиб, орадан чиқиб кетди. Наима Рутнинг қўлини қаттиқ ушлаб олди. — Бўаз йўлини топди! — Наиманинг лабларида табассум ўйнади. — Мен шундай бўлишини билардим. Бўаз Рутга қаради, Рут нафасини чиқаролмай қолди. Гарчи Бўазнинг юз кўриниши салобатли, мағрур кўринса ҳам, унинг кўзлари ҳеч қачон бундай порламаган эди. У кўзларини пирпиратиб, нигоҳини бошқа жойга олиб қочди. Бўаз Ришоннинг сандалини қўлида қаттиқ ушлаганича турарди. У ўнтача оқсоқолга ва томошаталаб бўлиб йиғилган халққа қаради. — Мен Элималикнинг, Махлўннинг ва Хилённинг барча ерларини сотиб олаётганимга сизлар гувоҳсизлар. Ер билан бирга мен Махлўннинг беваси, мўаблик Рутни ҳам хотинликка оляпман. Шу йўл билан у ўлган эрининг номини давом эттирувчи ўғил туғади, ўз юртидаги бойликлари меросхўри бўлади. Бугун сизлар бунга гувоҳ бўлдингизлар. Бўазнинг ёнида оқсоқоллар турган эдилар. Улар ибодат пайтида киядиган узун кийимларда, савлат тўкиб турардилар. — Биз гувоҳмиз, — деди улар. — Биз ҳам гувоҳмиз, — деб қайтарди оломон. Наима Рутни олдинроққа олиб чиқди. — Бор, — деб келинига пичирлади, Наиманинг юзи ҳаяжондан ёнаётган эди, — бор, қизим, унинг ёнига борақол. Оқсоқолларнинг ёши улуғи Рутга қўлини узатди. Оломон сурилиб, Рутга йўл бўшатди. Рут оқсоқолнинг ёнига бориб, қўлини берди. Оқсоқолнинг иккинчи ёнидан Бўаз бориб турди. Оқсоқол Бўазга қараб жилмайди, кейин Рут олдида энгашди. — Эгамиз сенинг хонадонингга келадиган аёлни Роҳила ва Леахдай қилсин, ана ўша бибилардан Исроил халқи бино бўлган. — Оқсоқол Рутни олдинга сурди, Бўаз ҳам қўлини узатди. Уларнинг қўллари жипслашганда, Бўаз Рутнинг бармоқларини оҳиста қисди. Оқсоқол қўлини уларнинг кафтларига қўйди. — Эфратда бойликлар эгаси бўлгин, Байтлаҳмда номинг улуғ бўлгай. Сенинг хонадонинг Тамаранинг Яҳудога туғиб берган ўғли бобомиз Параз хонадонидай баракали бўлсин. Эгамиз мана шу жувон орқали сенга ўшандай буюк авлодни ато этсин. Рут ва Наимани чақириб келган хизматкор тезда оломон орасидан тиқилиб ўтди-да, кўча бўйлаб, пастга югуриб кетди. Халқ Рут ва Бўазни баланд овоз билан дуо қилди. Одамлар ҳаяжонда уларга ҳамма томондан яқин келди. Эркаклар Бўазни елкасига уриб қўйишди, аёллар эса Рутни қуршаб олиб, қучоқлаб, икковини ҳам дуо қилди. Бўаз кулиб, ҳамма билан гаплашарди. Наима ҳаяжонланганидан дугоналари билан имо-ишора қилиб гаплашарди. Рут эса бўлиб ўтган воқеадан ҳали ҳам ҳайратда эди. Бўаз Рутнинг қўлидан ушлаганича, ёнида олиб турарди. Бу пайтда халқ уларни табриклаб, марҳаматлаётган эдилар. Бўаз Рутни шаҳарга олиб кетди, шаҳарликлар уларнинг орқаларидан юрдилар. Рутга ҳамма тарафдан оломон яқинлашиб келар, юзлари қизариб, юраги ҳаприқиб кетарди. Наима қани? У ҳам биз билан бирга келяптимикан? — Рут! — деб чақирди Наима. У оломон орасидан ўзига йўл очиб кетарди, у билан бирга бир неча аёл тиқилишиб кетаётган эди. — Биз никоҳ базмига ҳамма нарсаларни тайёрлашимиз керак, — деди Наима ва келинини қучиб, уни ўзига тортди, Ҳазиллашиб Бўазнинг қўлига уриб қўйди. — Қаллиғинг кечқурунга тайёр бўлиши керак. Наима ва унинг дугоналари, Бўазнинг хизматкорлари Рутни сиқиб қўйган, ҳаммалари ўзаро гаплашишарди. Рут уларнинг орасида зўрға нафас оларди. Рутни Наиманинг ёшликдаги дугонаси Обигайлнинг уйига олиб келишди. Четдаги хонада Рутнинг эскирган кийимларини ечиб, сув олиб келишди. Уни яхшилаб ювинтириб, унга хушбўй мой суртишди, белигача тушиб турган узун сочларини тарашди, унинг жингалак, қалин сочлари ялтираб кетди. Наиманинг ортидан ёш хизматкор қизча кириб келди. — Бўаз Рутга совғалар бериб юборди. Улар хонадан чиқиб, яна дарров қайтиб келишди. Наима фил суягидан қилинган нақшинкор қутичани олиб келди. — Қара, — деди у Рутга қутичани очиб. — Тақинчоқлар! Қара у сени қандай қадрлайди! Наима қутичадан зумрад, ёқут, бриллиант маржонни олди. — У сенга никоҳ либосларини ҳам бериб юборибди. Наима қутичани Обигайлга бериб, ўзи Рутни кийинтиришга ёрдамлашиб юборди. — Сен маликаларга ўхшаб кетасан ҳали. Рутнинг бошига узун, оппоқ бош кийими кийгизаётганларида, у чуқур нафас олди. У ҳаётида ҳали бундай юмшоқ кийим киймаган эди. Устки кўйлаги ҳам ялтироқ рангли иплар билан безатилган, олтиндан, ҳаво ранг, тўқ қизил, алвон рангли зиғир толали ипдан қилинган белбоғ ҳам бор эди. Камалак рангига ўхшаш тошлардан қилинган билакузуклар, зираклар, тилла занжир ва олтиндан ясалган юмалоқ пластинкадан иборат юпқа гулчамбар ҳам бор эди. Обигайлнинг чўриларидан бири Рутнинг сочини ўриб, Бўаз юборган қимматбаҳо тошлар билан безатди. Унинг бошига узум бошлари ва буғдой бошоқлари билан безатилган оппоқ ёпинчиқни тақдилар. Енгил мато Рутнинг тиззасигача тушиб турарди. — Бир оздан кейин эркаклар келишади, — деди Наима Рутнинг қўлини ушлаб турар экан, кейин уни ўпиб қўйди. Наиманинг кўзлари ёшга тўлди. — Сенинг бахтингдан мен ҳам бахтлиман. Рут икки қўли билан Наиманинг қўлини ушлаб олди. — Иккаламиз ҳам. Наима қизнинг юзидан силади. — Ундан қўрқма, жонгинам. Агар у сени бахтли қила олмаслигини билганимда, мен сени унинг ёнига юбормас эдим. Рутнинг кўзи ёшга тўлди. — Лекин мен уни бахтли қила олармиканман? — Оҳ, ёқимтойиганам-эй. Ришон чориғини Бўазга берганда, унинг юзини кўрмадингми? Кумушу олтинлар унга катта хурсандчилик олиб келмасди. Сен унинг бойлигисан, қизгинам, сен Худонинг инъомисан. Рут бошини тушириб, кўзини юмди. У Наиманинг сўзларидан лол бўлиб қолди. Наҳотки Бўаз уни чиндан ҳам қаттиқ севади? Сўзсиз, Бўаздай одамнинг севгисига Рут ҳам лойиқдир. Лекин Бўаз нимани кўпроқ хоҳлаган бўлса, Рут ўша нарсани бера олармикан? Унинг юраги Махлўнга боғлангандай, Бўазга ҳам шундай боғланармикан? Бўаз унга бир марта тегиши биланоқ қийналишини ҳис қилармикан? Рут Бўаздан ҳайратланарди. У Бўазни жуда ҳам ҳурмат қилади. Лекин Рут уни севармиди? У ўзининг юрагини ва танасини Бўазга тўлиқ бера олармикан? Рут унга хурсандчилик бағишлаш учун Бўазнинг севгисига жавоб қайтара олармикан? Ёки уни ҳар доим меҳрибон ота, катта ака сифатида кўрармикан? Эй Раббим, мен Бўазни хафа қилгим келмаяпти. Илтимос, мени унга тегишли хотин қилгин. Мен унда Сенга бўлган кучли муҳаббатни кўрдим. Илтимос, менга ҳам Бўаз учун шундай кучли муҳаббатни юбор! Унинг гулчамбарини безатувчи аёл қилиб мени бунёд эт. Унга азоб келтиргандан кўра, мени ўлганим яхши! Рут бошида Наиманинг енгил, юпатувчи қўлларини сезди, у яна жўшқин, лекин оҳиста айтилаётган ибодатни эшитиб қолди. — Эй Исроилнинг Худоси, менинг қизимдан қўрқувларни олиб ташла. У ҳам, мен каби, Сенга тегишлидир. Рутни итоаткорлиги ва менга бўлган севгиси учун марҳаматла. Агар мен кўп нарса сўрамаётган бўлсам, унинг Махлўнга бўлган севгисидан кучлироқ севгисини Бўазга юбор… — унинг овози бир оз титрарди, — менинг ўғлимга бўлган севгидан кўра кучлироғини! У жим бўлиб қолди, кейин Рутнинг пешонасидан ўпиб қўйди. * * * Бўаз ҳеч қачон ҳозиргидек ҳаяжонланмаган эди. У асабийлашаётганини яширгиси келди, лекин хизматкорларнинг бир-бирларига қараб кулиб қўяётганларини кўрди-да, бунинг уддасидан чиқа олмаганини тушуниб етди. — Мен бу белбоғни боғлай оладиган ҳолатда эмас эканман. — Хўжайин, рухсат берасизми? Бўаз мамнуният билан унга белбоғни берди, хизматкор белбоғни боғлаб қўйгандан кейин, енгил нафас олди. Бошқа хизматкор бинафша, ҳаво ранг ва қизил ранглар билан безатилган оқ чопонни тайёрлаб турди. Бўаз тилла занжирлар билан тўқилган олтин тўқани тақди. Ниҳоят, у бошига қимматбаҳо тошлар қадалган олтин гулчамбарни тақди. Уй тўла одам йиғилди. Айрим дўстлари унга тегажаклик қилиб, мамнун бўлардилар, айримлари эса фурсатдан фойдаланиб, унинг қаллиғини мақташарди. — Бўаз. Сенинг ҳам уйланадиган вақтинг келди! — Бунинг учун у қариндошини ҳам алдашига тўғри келди-я! — Дўстим, Рут ҳар қандай мақтовларга сазовордир. — У сенга бир уй бола туғиб беради. — Афсус, шундай яхши қиз шундай қари молга турмушга чиқяпти-я! Бўаз ҳам улар билан бирга кулар, лекин унда дўстларига намойиш қилган ўзига ишончдан асар ҳам йўқ эди. Рут уни қандай қабул қилади? У ҳеч қачон чиройли бўлмаган, устига-устак, у қариб ҳам қолган. Бўаз бундай меҳрибон ёш қизга қандай қилиб ёқсам экан, деб бошқа нарса ҳақида ўйламас эди. Уйда ҳукмрон сураётган вазиятга қарамасдан, Бўазни шубҳалар енгарди. — Бўаз, қовоғингизни солмасангиз-чи, — деб ҳазиллашди Шамаш. — Бунақада бечора қизни қўрқитиб юборасиз. Бўаз ўзини зўрлаб кулди. Унинг уйи дўстлари ва шаҳар амалдорлари билан тўлган эди. У хизматкорларига, маросимга тайёргарлик кўринглар, деб буйруқ берди. Бева-бечоралар янги кийимлар олиб, унинг тўйига кийиниб келишларини ўзи бошқарди. — Бўаз, сизни нима хавотирга соляпти? — деб сўради Шамаш. Бўаз ўз назоратчисини тўйда куёв жўра бўлишга танлаган эди. Кўп йиллар давомида Шамаш ўзининг содиқ ишчи эканлигини кўрсатган. Бўаз Шамашга қараб, уни нима хавотирга солаётганини айтди. — Мен Рутни турмушга чиқишига мажбур қилдим. Мен ўзи нимани ўйлаётган эдим?! Мен унга яхши жуфтиҳалол топишим керак, лекин… — Яхшироқ жуфтиҳалолми? Сиздан яхшиси йўқ! У қиз сизни ҳурмат қилади, шунинг ўзи етарли эмасми? Бу сўзлар Бўазнинг кўнглини кўтара олармикан? — Менга унинг ҳурмати етарли эмас, менга кўпроқ нарса керак. — Кўпчилик шу кам нарсадан бошлайди, — деб Шамаш зўрға кулди. — Бундан ташқари, энди бу ҳақда хавотирланиб, ўйлашга кеч бўлди. Сиз энди унинг эрисиз. Шаҳар дарвозалари олдида турганлар сизларнинг битимингизга гувоҳдирлар. Қоронғу тушяпти, келиннинг олдига бориш керак. Бўаз унинг кўзларида ҳамдардликни кўрди. — Рут ақлли аёл, Бўаз. Келажакда Худо сиз иккингизга тайёрлаб қўйган нарсаларидан у жуда ҳам бахтли бўлади. Бўаз кулимсираб қўйди. — Дўстим, мен бахтлиман. Мен ҳам оилали бўламан, деб ҳеч қачон ўйламагандим, айниқса Рутдай хотиним бўлишини. Бўаз уйдан чиқишдан олдин, тўй маросими учун ҳамма нарса тайёрлигига ишонч ҳосил қилди. Шийпон ўрнатилиб, гуллар, яшил шохлар билан безатилган. Айвоннинг пастига эса юмшоқ кўрпачалар тўшалган. Уйга димланган гўшт, дориворлар ва гулларнинг ҳиди таралиб кетган. Тайёрланган ҳар хил егуликларни меҳмонларга узатиш қолди, холос. Бўаз узоқдаги деворлар ёнида турган сопол идишларни санаб чиқди. — Шароблар етарлими? — Ҳа, хўжайин, — деб жавоб берди Шамаш. — Бу Байтлаҳмдаги энг яхши шароб! Бўаз келин-куёвлар хонаси ҳақида сўрамади ҳам. Хонани унинг хизматкорлари тайёрлашаётганди. Шамаш Бўазнинг ёнига келди. — Ҳаммаси тайёр. Агар сиз яна озгина ушланиб қолсангиз, Рут сизни ниятидан қайтган бўлса керак, деб ўйлайди. Бўаз ўртоқлари билан дарров уйидан чиқди. Тўй жараёни Байтлаҳм кўчаларида давом этди. Бўазнинг дўстлари қўшиқ айтиб ке-тишарди. Баъзилар қамишдан қилинган най, уд ва лира чалиб кетишди. Бошқалар ўйинга тушишди. Бўаз Обигайлнинг уйига яқинлашганда унинг эшигини тақиллатмаса ҳам ўзидан-ўзи очилиб кетди. Унинг қаршисида Наима турган эди. Бирдан Наиманинг юзи ўзгарди. Наима Мўабдан қайтгандан бери Бўаз унинг кулгусини кўрмаган эди. Наима ҳозир жуда ҳам ёшариб кетган, Бўаз унга уйланмоқчи бўлган даврларни эслатади. — Мен қайлиғимни олиб кетгани келдим, — деди куёв. Бўазнинг юраги ҳаприқиб кетди: Наиманинг орқасида тўй либосини кийиб олган Рутни аёллар олиб келишаётган эди. Аёллар ҳам ясаниб олишганди. Бўаз бошқа бир оғиз сўз гапира олмади. Рут Бўазга яқинлашиб, унинг қўлидан ушлаб олди. Рут Бўазнинг ёнига туриб олганда, Бўаз қўлида Рутнинг бармоқларини қалтираётганини сезди. Бўаз унинг ёпинғичини кўтариб, Рутнинг кўзларига қарамоқчи бўлди. Балки ўшанда у қайлиғи нимани ҳис қилаётганини билиб олармиди? Эркагу аёллар яна уларнинг атрофларини ўраб, куёвнинг уйига Байтлаҳмнинг қоронғу кўчалари бўйлаб кетишди. Кимдир машъал кўтариб олган. Аёллар чилдирма, ноғораларни, чанг ва қўнғироқларни чалиб, эркак кишилар билан бирга қўшиқ айтиб кетишарди. Кўпчилик одамлар йўлни ёритиш учун шамчироқлар кўтариб олишган. Уйга кирганларидан кейин, Бўаз чопонини олиб, Рутни ўради, шийпонга қўйилган тахтасупага олиб борди. Рут ўзини қандай тутаётганини Бўаз кўриб ажабланди. Бўаз у билан бир неча марта атрофни айланди: ҳамма гувоҳлар Рутнинг келинлар ёпинадиган ҳарир пардаси борлигини кўрдилар. Улар тўхташганда, Рут ўзини йўқотиб қўймади. У бошидаги пардасини олиб, удумга кўра, уни эрининг елкасига қўйди. Йиғилганлар ҳайқиришди: — Ҳукмронлик ундадир! Наима мағрур оҳангда кулиб қўйди. Рут Бўазнинг ёнидаги кўрпачага ўтирди. — Рут, мен сени ҳеч қачон ҳозиргидек чиройли ҳолда кўрмаганман. Рут ҳам унга қаради, Бўаз кулиб қўйди. Бўаз Рутнинг юзи қизариб кетганини кўриб, унга маҳлиё бўлиб қолди. — Мен ҳам сизни ҳали бундай чиройли ҳолда кўрмагандим, — деди Рут ва яна бошини пастга тушириб олди. Бўаз секингина кулиб қўйди. — Мен қанотчаларимни тозалаб олишим керак эди. Рут қўлидан Бўазнинг қўлларини олди. Рутнинг қўллари текканидан Бўазнинг қўлида илиқлик пайдо бўлиб, танасига ёйилди. — Менга бўлган меҳрибонлигинг эвазига Худо сени марҳаматласин. Бўазнинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. — У мени марҳаматлади. * * * Уларни келин-куёвнинг хоналарига олиб бориб, ёлғиз қолдиришганда, Бўаз ўзини ёш йигитдек ҳис қилди. У Рутга нима дейишни ҳам билмасди. Бўаз Рутни тинчлантирмоқчи бўлди. Лекин куёвнинг ўзи умрида бундай асабийлашган эмас эди! У Рутга қандай қилиб ёқадиган бирон иш қилишни билмасди. Шу ҳақда бирор уйланган дўстидан сўрамоқчи бўлди-ю лекин энди кеч-да! Бўаз хонадан у ёқ-бу ёққа юра бошлади, кейин тўхтаб қолди. У эркинлигини йўқотиб қўйди. У қўлларини белига қўйиб, бу асабий ҳолат қандай пайдо бўлди экан, деган хаёлга берилди. Яхшиямки, Рут ўгирилиб олиб, эри ўзини аҳмоқларча, бефаросатларча тутаётганини кўрмаётган эди. Рут устки кўйлагини ечганда, у хоҳлаётганидан Бўаз довдираб қолди. — Рут, биз шошмасак ҳам бўлади. — Лекин биздан кўп нарсани кутишяпти. Бўаз хотинининг овозида нимани эшитди: итоаткорликними ёки хоҳишними? — Биз шошмасак ҳам бўлади, — деб қайтарди Бўаз. Рут эрига елкаси оша қаради. Рут хафа бўлгандай, аста бурилиб, Бўазнинг юзига қаради. Рут анчагача жим турди, унинг буғуникига ўхшаш жигарранг кўзлари Бўазнинг юзини яхшилаб ўрганиб олаётган эди. Унинг бундай диққат билан қарашидан, Бўаз ўзини қўйгани жой топа олмай қолди, лекин дарров ўзини тутиб олди. Рут ҳайрон бўлиб кўзларини юмди. Кейин Бўазнинг ёнига яқинлашди, Рутнинг ҳар бир қадами Бўазнинг кўкрагига оғриқ каби қадаларди. Бўаз олдин Наиманинг қўлини сўраганда ўзини бунчалик беҳол сезмаган эди, чунки Наимани Рутни севгандай севмаган эди. Рут эрининг қўлидан ушлади. Бўаз гапиролмай қолди. Рут унинг кафтини ўпиб, юзига олиб келди. Бўаз ҳатто қимирлай олмасдан ўтирарди. — Эргинам, кутишнинг кераги йўқ, — деди секингина. — Мен олдингизга ўз хоҳишим билан борган эдим. — Сени Наима юборган. Рут Бўазга жиддий қаради. У ўзини ғалати тутаётганини Бўазнинг кўзидан уқиб олди. — Мен қулоқ солишни афзал кўрдим. Мен умид қилардим, лекин ҳеч қачон мен сен учун шунчалик муҳимман, деб ўйлашга ҳам ботина олмаган эдим. Бўаз чуқур хўрсинди. — Мен умид қилардим, — деб хириллаган овоз билан гапирди Бўаз, — лекин ҳозиргача ишонмаяпман… У гапини тугата олмади. Бу қиз уни бир оғиз сўзи билан йўқ қилиши мумкин. Рутнинг кўзларида ёш қилқиди. У эрининг ёнига бориб, юзларини силади. — Шуни билиб қўйинг: мен сизникиман, — деб Бўазни бошидан ушлаб, юзларидан ўпди. * * * Аёллар ҳам ўзларича суҳбатлашишарди. «Бўазнинг уйланиш вақти ҳам аллақачон келганди». «Қандай ёқимли қиз-а». «Мен қайнонасига шунчалик содиқ келинни ҳеч қачон кўрмаганман». «Агар мен Наиманинг ўрнида бўлганимда, ўзимни жуда ҳам бахт-ли деб билар эдим». «Ўғил онасига содиқлигидан кўра, Рут қайнонасига жуда ҳам содиқдир». «Мени билмайди деб ўйлайсизларми? Ўғил уйлангандан кейин, бечора кекса онасини унутиб қўяди». «Рут қайнонаси учун зўр бошпана топди». «Агар мен Наиманинг ўрнида бўлганимда, жуда ҳам бахтли бўлган бўлар эдим!» «Қандай қиз! Мен Худодан ўғлимга шундай қизни илтимос қилиб сўраяпман. Лекин менинг ўғлимни қизларнинг қалби эмас, унинг чиройи қизиқтиради». «Агар Бўаз Рутни чинакамига севмаса, ачинарли бўлади-да». «Турмушда эр-хотинлар, мажбуриятлари бўйича, эҳтиросли бўлмайдилар». «Худонинг ўзи уларга турли хил эзгуликларни бахш этсин». Аёллар бу сўзларни қўллаб-қувватлаб, ҳар бири ўз йўлига, уйига, ишига кетдилар. * * * Эркаклар ҳам ўзаро гаплашиб ўтирган эдилар… «Бўаз ўзини қандай тутаётганини кўриб, бўлиб ўтаётган воқеалар у учун жуда ҳам муҳимлигини тушундим». «Ришоннинг ҳеч қандай имконияти йўқ эди-да». «Ришонда фақат ўзига яраша имконият бор эди. У ерни хоҳларди, лекин бу билан у ўзига мажбуриятни олгиси келмади». «Тош отишга шошма. Ришоннинг хотини унга учта қиз туғиб берди. Ўзингнинг ўғлингни бошқасининг меросхўри бўлиши учун берармидинг? Агар унинг биринчи хотини ўғил туғмаган бўлса, у одам нима қилсин? Унда нима бўлади?» «Бунинг биронтаси муҳим эмас. Лекин барибир, Ришон Наима ва Рут олдидаги мажбуриятларини менсимади». «У жуда яхши қиз». «Худонинг ўзи унга кўп ўғиллар ато қилсин». «Шунча йил давомида Бўаз хотинсиз, бир ўзи яшади. У энди ўргангунча қийналади». «Бўазнинг ўрнида мен ўзимни бахтли деб ҳисоблаган бўлардим!» Кимдир кулиб юборди. «Рут жуда ёш. Мен дўстимни охирги кунларда юраги эзилаётганини кўргим келмаяпти». «Сенинг қўрқувларингга асос йўқ. Рут ёш, лекин унинг феъл-атвори текшириб кўрилган». «Мен унинг феъл-атворидан шубҳаланганим йўқ. Рут Бўазни се-виб қолишини мен Худодан сўрайман, лекин у Бўазни севиши шундоққина кўриниб турибди». «Исроилнинг Худоси Рутнинг юрагини менинг дўстимга пайванд қилсин». Бешинчи боб Орадан тўққиз ой ўтди. Рутнинг кўзи ёриди. У дам олар экан, қачон Наима болани олиб, уни ювиб, туз сепиб, йўргаклашини кутиб ётди. — Қандай чиройли бола-я, — Наима болани кўкрагига босиб, йиғларди, — қандай ёқимтой! Наима болани бошқа хонага олиб кетди, Рут эса деворга қараб ўгирилиб олди, овоз чиқармай йиғлади. Орадан сал вақт ўтгандан кейин, Бўаз Рутнинг ёнига келди. Рут ўрнидан туриб, кийинди, боғ эшигидан чиқди. Бу пайтда Наима чақалоқ билан сайр қилаётган экан. Бўаз ичкаридан ўриндиқ олиб чиқди, хотинининг ёнига келиб ўтирди. — Наимани энди Марой деб чақирмайдилар. Рут Бўазга қаради. У ҳам Рутга ўхшаб боққа қараб ўтирарди, лекин у эрининг юз ифодасини тушунмади. — Сиз туфайли, — деди Рут секингина. Бўаз Рутга қарамади. — Менга раҳмат айтма, мен ўз бурчимни бажардим. Ҳиссиётлар туфайли унинг овози кескин эшитилди. — Сиз ўз тўнғичингизни бошқа эркак авлодининг меросхўри бўлиши учун бердингиз. — Рут, бизнинг одатларимиз шундай. — Йўқ. Ришонда бундай одат йўқ. Бўаз, бу сизнинг урф-одатин-гиз. Сиз ўзингизга қараганда, бошқаларга кўпроқ ғамхўрлик қиласиз. Бўаз Рутга қаради. — Рут мени жуда ҳам кўкларга кўтариб юборма. Ҳозир менинг дилимда бурч билан хоҳиш курашяпти, — у нигоҳини олиб қоч-ди. — Мен ҳамма эркак кишиларга ўхшаган оддий одамман. Рутнинг киприкларидаги ёш думалаб тушди. У Бўазга қараб: «У ҳаётимда учратган ҳеч қайси бир одамга ўхшамайди!» деб бақиргиси келарди. Ҳатттоки Рут умрида қаттиқ севган Махлўн ҳам, Бўазнинг ўзига қилган яхшиликларини қила олмасди. — Сен унга Махлўн деб ном қўймоқчимисан? — деб секингина сўради Бўаз зиғир дарахти остидаги ўриндиқда ўтирган Наимани кузатиб тураркан. — Унга Обид деб исм қўямиз. Хизматга тайёр, дегани. — Майли, шундай бўла қолсин. Наима энди кексайганда бир ўзи ёлғиз қолишга кўрқмайди, — деди Бўаз. — Сен ҳам қўрқмайсан. Бўаз ўрнидан турди. У Рутнинг бошини оҳиста силаб қўйди-да нари кетди. «Рут Наима билан ўғлимизни томоша қилиб ўтирсин», дея ёлғиз қолдирди. Кечаси чақалоқ Рут билан бўлди, у кечаси бир неча марта эмизди. Рут бу дақиқалардан ҳузур қилди, чунки у жимгина ўғлини бағрига босар, чақалоқ лабларини очиб, унинг кўкрагига интиларди. Рут чақалоқнинг юмшоқ юзларини силар, бармоғини берганда, Обид қўллари билан Рутнинг бармоғини каттиқ ушлаб оларди. Рутнинг кўзларидан ёш оқди, ёшни тўхтатиш учун кўзини тез-тез очиб юмди. Рут боласини эмизиб бўлгандан кейин, ёнига яқинроқ олиб келиб ётқизди. Наима ҳар куни эрталаб Рутнинг хонасига кириб, уни ўпиб қўярди-да, кейин Обидни қўлига олиб, кун бўйи уни парвариш қиларди. Рутга эса фақат эмизиш учун берарди. * * * — Мени энди ҳеч қачон Марой деб чақирмайдилар, — деди Наима ва Обиднинг ажойиб қилиқларини кузатиб турар экан, кулди. — Ҳеч қачон! — Намунча чиройли-я! — аёллар болага қараб ҳайратланиб, шундай дейишарди. Байтлаҳмдаги аёллар Бўазнинг уйида тез-тез йиғилишиб, бола қандай улғаяётгани, ҳар бир ёш даврига етишиши ҳақида суҳбатлашишарди. — Сенга берган меросхўри учун Худога шукрлар бўлсин! — Унинг номи Исроилда улуғлансин. — Бу бола сенинг ёшингни қайтариб, қарилик чоғингда сенга ғамхўрлик қилсин. — Албатта, шундай ҳам бўлади, ахир, уни ўзинг жонингдан ҳам яхши кўрадиган келининг туғиб берди. — Рут етти ўғилдан ҳам аълороқ! О бўлмасам-чи, унинг севикли Рути шунақа! Наима кулиб, Обидни қўлида кўтарди, орқаларини силади. Чақалоқ бурни билан Наиманинг юзига тегиб унинг бағрига интилганда, Наима сўз билан ифодалаб бўлмайдиган лаззатни туйди. У чақалоқни кўтарганда, ҳаётида бундан ҳам бахтиёр онларни эслай олмасди. Худо Наимани яланғоч қилиб қўйган эди, лекин энди У Наимага мустаҳкам пойдевор устида янги ҳаёт бахш этди. Наиманинг ўғилларини, эрининг ўрнини босувчи бу бола эътиқодли, қонунни қунт ва эҳтирос билан бажарувчи, шаҳар дарвозасида ўтириб, халқ тақдирини ўйлайдиган одам — Бўаз томондан берилган. — Вой менинг кичкинтойим, — Наима болани кўтариб, Обиднинг юмалоқ иягидан ўпди. — Сен ҳам отангдай бўлиб, улғайгин. Наима боланинг ёқимли кулгусидан завқланди. Наима орқасига қараб, Рутни кўрди: келини эшик ёнида туриб, қайнонасини кузатиб турибди, Рутнинг кўзлари оналик меҳри билан тўлиб-тошган. Наи-ма ўзи келтирган ихтиёрий қурбонликни ўйлаганда, виждони оғриғини ҳис қилди. Наима қачондир бу ишлар Рутга қанчалик арзирли бўлишини ўйлаганмиди? Бўазга-чи? Келини яна уй ишлари билан шуғулланиши учун уйга кириб кетди. Наима Обидни қўлига олиб, ўзидан-ўзи хафа бўлди. Нимадир етишмасди. Наима нима етишмаётганини биларди, лекин ҳеч нарса қила олмасди. Худо иккаласига қилган яхшиликлари учун тинимсиз ибодат қиларди, ибодат ва яна ибодат қиларди. * * * Рут катта хонадонни бошқариш қанчалик қийин иш эканлигини билиб олди, юмушлар унинг ҳамма вақтини, ақлини эгалларди. Бўаз уйдаги ҳамма масалаларни Рутнинг ўзи ҳал қилишига имкон берарди. Рут ҳам шаҳардаги энг таниқли инсоннинг хотини бўлса ҳам, тез-тез Наимага мурожат қиларди. Рут уй ишларининг ҳаммасини ўзи бажармасдан, хизматкорларга ҳам буйруқ беришни ўрганиб олди. Рут хизматкорларнинг яхши хатти-ҳаракатлари, қилган ишлари эвазига уларни тез-тез мақтаб турарди. Улар ўз бекаларига ёқиш учун қўлларидан келган ишларини қилишарди, Рут эса бир хил даражада уларнинг эҳтиёжлари ҳақида ўйлар эди. Рут азонда туриб, уйида яшовчилар учун нонушта тайёрлаб, хизматкорларига ишларни тақсимлаб берарди. У бозордан керакли нарсаларни сотиб олар ва камбағалларга ғамхўрлик қиларди. Уйда ҳеч ким бирон нарсага зор эмас эди. Рут ҳар доим сахий бўлган, чунки Бўаз нимани ушласа, ўша нарса мўл-кўлликни келтирарди. Тахминан икки йилча олдин, Бўаз Обигайлнинг уйига Рутни олиб кетгани келганда, Рут, Бўазнинг кўнглини совутиб қўймасмиканман, у лойиқ бўлган севгига жавоб бера олармиканман, деб қўрқарди. Лекин унинг ҳамма қўрқувлари тўйнинг биринчи кечасиёқ, Бўаз унга чуқур ҳурмат ва ёқимли муносабатда бўлганидан, йўқолиб кетди. Бундай инсонни ким ҳам севмасди?! Ойлар ўтди, Рутнинг ҳис-туйғулари бир мўъжиза содир бўлмасдан олдин гуллаб-яшнаб, янада чуқурлашди. Рут қачондир яна севиб қолишга умид ҳам қилмасди. Лекин у Бўазни шунчалик севишини тушунди, ҳатто у, Бўаз биринчи эримга меросхўр бериш учун уйланган, деб ўзига тез-тез эслатиб турарди. Рут билан Наима кўп вақтларини бирга ўтказишарди, зиғирпоянинг титилган толаларини тараб, муҳтожларга кийим тикиш учун мато тўқишарди. Бу пайтда Обид уларнинг ёнида ўтириб ўйнарди. Улар Обиднинг шўхлиги устидан кулиб ўтиришарди. Бола ажойиб, бахтиёр бўлиб ўсаверди. О, Обид эмаклаб юришни ўрганиб олиб, уйда эмаклаб юрганда, улар шунақанги қийналишдики! Обид секин-аста юрадиган бўлди. Бора-бора қўли етган нарсаларни ушлаб оладиган бўлди. Баъзан Бўаз уйга келиб, унинг ўйинларини кузатиб ўтирар, лекин болани қўлига Наима олиб берганидан кейин оларди. Гўё у ўғлини кўтариш учун рухсат кутаётгандек кўринарди. Рут бажариши керак бўлган ишларига қарамасдан, ғалати бир хавотирликни — ёлғизлик азобини сезарди. У Бўазга турмушга чиққанига икки йил бўлди, лекин уни биринчи марта арпа даласида кўрганда, у ҳақда нимани билган бўлса, ҳозир ҳам ўшандагидан кўп нарса билмас эди. Бўаз — Рутнинг эри, лекин барибир Бўаз Рутдан ҳамон ўзини олиб қочади. — Менимча, у мен билан бахти кемтик бўлса керак, — Наима Рутга, Бўаз кўп вақтини шаҳар дарвозалари олдида оқсоқоллар билан ўтказади, деб гапирганда, Рут шундай деди. — Бундай фикрларни қаердан олдинг? — Бўаз мендан эрта туриб, бир ўзи боғда ибодат қилади, кун бўйи ишда бўлади. У кўп вақтини уйдагилар билан эмас, бошқалар билан бирга ўтказади. Баъзан ўйлашимча… — Нима деб ўйлайсан? — У мендан ўзини четга олмаяптимикан? Наима ўрнидан турди, Обид қуриган зиғир толаларини олмоқчи бўлган эди, дарров уни турғизди. Наима уни эркалаб койиди. Кейин Рутга қараб ўгирилди. — У билан бу ҳақда гаплашдингми? — Онажон, мен қандай қилиб Бўазга бирор гап айта оламан?! У бизга қилган шунча яхшиликларидан кейин ҳам, мен ундан кўпроқ нарса талаб қилишга ҳақлиманми? Рут, Наимага ортиқча гап айтиб юбормай, деб ишга диққатини қаратди. Ҳаммадан ҳам у қайнонасини хафа қилгиси келмасди. Чунки у Бўазни нақадар севиб қолганини сездириб қўймасликка ҳаракат қиларди. Лекин Наима, Рут Махлўнни сотди, деб ҳисоблармикан? Наима болани тиззасига олиб тебратиб ўтирарди. — Нимадир ўзгарди, шундай эмасми? — Ўзгарди, дейсизми? — Бўаз Махлўнга меросхўр бериши учун сен унинг ёнига боришга рози бўлдинг. Мен бошпанали бўлишим учун сен унинг ёнига бординг. Мен сени юборганим учун, сен Бўазнинг ёнига бординг. — Мен ўзим унинг ёнига боришга рози бўлдим, — деяр экан, Рутнинг лаблари қалтиради. Рут, қайнонам ўзини айбдор ҳис қилмасмин, деб хоҳларди. Агарда Рут Бўазга мафтун бўлмаганда эди, у бундай тайёргарлик билан ўзини Бўазга таклиф қилмаган бўларди. У янаям қаттиқроқ лабларини тишлади: — Онажон, ўзингиз биласиз мен Махлўнни қанчалик севганимни. Сиз биласиз-ку, тўғри эмасми? Маълум муддат Наима хафароқ бўлгандай кўринди. Лекин кўзлари чақнаб кетди. — Вой ўзимнинг жоним болам! У Обидни ерга қўйиб, Рутнинг ёнига келиб ўтирди. — Сен менинг ўғлим учун ҳам жуда яхши хотин эдинг. Мен буни ҳаммадан яхши биламан. Наима Рутнинг қўлларини ушлади, Рутнинг қўллари қалтирарди. — Онажон, мен сизга азоб беришни истамайман! Наима Рутни бағрига босди. — Агар сен менга Бўазни яхши кўришингни айтмоқчи бўлсанг, менинг ўғлимга нисбатан содиқ эмаслигингни айтмайман. Ростини айтсам, мен хурсанд бўламан, чунки Худо менинг ибодатларимни эшитди! — Хурсанд бўласизми? Рут диққат билан қайнонасининг кўзларига қаради ва заррача хафагарчиликни, ҳатто хафагарчиликдан нишонани ҳам кўрмади. Наима Рутнинг юзларини силади. — О Рут, биласан-ку, мен сени худди ўзимнинг қизимдай яхши кўраман. Мен сени бахтли бўлишингни хоҳлайман. Бўаз яхши одам, жуда ҳам олийжаноб одам. Рут тортинчоқлик билан кулди. — Ажойиб инсон, — у энди ўзини айбдор деб ҳис қилмасди. Бироқ Рут қийин аҳволини ўзгартирмади. — Менинг фикримча, у менга қариндошлик бурчини адо қилиш учун уйланган. — Мен ишонч билан айта оламан: сен адашяпсан. Бўаз сени севади. Мен сени унинг ёнига юборишдан олдин бу ҳақда айтмаганмидим? — У менга умуман қарамаяпти. У менга ўшандан бери яқинлашмади. Рут ғамгинлик билан бошини пастга туширди. Кейин зўрға сўлагини ютиб, гапини давом эттирди: — Онажон, Бўаз қариндошлик бурчини яхши бажарди. — Вой! — деб бақириб юборди Наима. Унинг юзидан ҳамма нарсани ўйлаб қўйганини билса бўларди. Рут четга қаради. Бўазнинг мероси нима бўлади? Агар у яна бит-та ўғил туғмасдан бу оламдан ўтиб кетса, унда Бўазнинг ҳамма бой-ликлари, худди Махлўннинг бойликларидай, тўғридан-тўғри Обидга ўтади. Меҳрибон ва садоқатли инсон, ўзининг ўғли унинг номини давом эттиришига лойиқдир. Қандай бўлмасин, Бўаз Рутдан ўзини олиб қочарди, Рут эса, Бўаз мен ҳақимда нима деб ўйлаётган экан, деб билгиси келарди. Рут унинг хаёлларини, азобларини, унинг орзу-умидларини бирга баҳам кўргиси келарди. Лекин у Байтлаҳам халқининг олдидаги бажариши керак бўлган мажбуриятларига кўмилиб кетган, бу ҳам бўлса — Худога хизмат қилиш. Бўазни уйда ушлаб турган бирон иш йўқ, шунинг учун хотинидан йироқдаги барча ишлар билан шуғулланарди. Лекин Рут шикоят қила олармиди? Нимани хоҳлаётган бўлса, барчасини олди. Бўазнинг меҳрибонлиги ҳаммага тарқалган, Рутга ва ҳатто Наимага ҳам. У Рут ва Наима учун кучини аямасди, бунинг эвазига ҳеч нимани талаб қилмасди. Эҳтимол, Бўаз унинг севгисини кутмасди ёки умуман хоҳламасди ҳам. Рут ўзини сукунат асирасидай ҳис қиларди. У тор кўчага кириб қолган, унинг ҳис-туйғулари эса қоронғуликда қолганди. Рут ҳатто Мўобни тарк этиб кетаётганда ҳам, бунчалик муаллақ аҳволда қолмаган эди. У Байтлаҳмга умрининг охиригача қайнонасига ғамхўрлик қилиш учун келди. Бунинг ўрнига, Худо Рутни ўз паноҳига олиб, Бўаздай одамни юборди. Бўаз Рут ҳақида ғамхўрлик қилди. Нега у — камбағалнинг камбағали, мусофир аёл ҳамманинг олдида кўкларга кўтарилди, энг олижаноб, энг меҳрибон ва шаҳардаги энг тўғри одамнинг хотини бўлди? Рут ҳар куни Худо берган марҳаматлардан хурсанд бўлар, ҳатто у бунга лойиқ эмас деб ўйлаганда ҳам. Унда қаердан пайдо бўлди бу туганмас ғамгинлик? У қандай қилиб кўп нарса сўрашга журъат қилади? Лекин барибир… у ўзининг эрини қандай бахтли қилгиси келарди! О, Бўаз, менинг Бўазим! Ҳар куни у Бўазнинг уйга қайтишини интиқлик билан кутарди. Бўаз унга қараб кулиб қўйса ҳам, бу кулгу ота кулгусидай бўлса ҳам, Рут эриб кетарди. Кулгунинг овозигина Рутнинг юрагини куйлашга мажбур қиларди. Рутга Бўазнинг қўли тегиб кетганда, Рут ҳаяжонланиб кетарди. Лекин Бўаз уйда камдан-кам бўларди. Рутнинг ҳаёлига битта фикр келди: Бўаз Рутнинг туйғуларига жавоб бера олмасди, унинг олдида Бўаз ўзини яхши ҳис қилмасди. Ахир, Рут Бўазни қанчалик севишини албатта унинг ўзи биларди. Рут Худодан ёрдам сўраб, энди мен умримнинг охиригача эримнинг ҳаётида олий ўрин эгаллай олмас эканман, деб тақдирга тан бериш учун, илтижо қиларди. У Бўаз ҳаётининг бир қисми бўлишини, унга ишонишини, ўзининг меҳнатлари ва ғалабаларини бирга баҳам кўришини, унинг бир қисми бўлишини истарди. Кўриниб турганидай, Бўаз унинг истакларини баҳам кўрмасди. — Қизгинам, сенга нима бўлди? — деди Наима ва Рутнинг қўлидан ушлади. — Нимага хафа кўринасан? — Мен Бўазни севаман. Мен уни шунчалик қаттиқ севаманки, бу севги менга азоб беряпти. Рут Бўазни шунчалик севардики, ҳеч ким бошқа бировни шунақа севмаган, ҳатто Махлўнни ҳам бунчалик севмаган эди. — Сен бу ҳақда Бўазга айтмадингми? — Мен уни овора қилгим келмади. — Овора қилгим? Наҳот у ўзини омадсиз эркакдай ҳис қилса, яхшими? Рут сапчиб кетди. — Йўқ, бу ёлғон! — Ҳар ким Бўазни бахтсиз деб ўйлаши мумкин. — Чунки у ўзини четга олиб қочяпти, онажон! — деб Рут дастгоҳ олдидан турди-да, ҳаяжонланган ҳолда четга бир четга турди. — Чунки у ҳеч қачон уйда бўлмайди. — Болам, кеч уйланган эркак аёлнинг ўйлари тўғрисида кам билади, айниқса ёш, севиб қолган аёлнинг ўйлари ҳақида. Балки у, ўзимни Рутдан узоқроқ тутсам, уни бахтли қилган бўламан, деб ўйлаётгандир. Рут кўзини бир оз қисиб, Наимага қаради. У бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. — Бўаз фақатгина эркак киши, жон болам. Эркаклар ҳар доим ўзларини кучли қилиб кўрсатсалар ҳам, аслида ундай эмас. Менимча, Бўаз, хотинимдан ёшим анчагина катта, мени севиши учун энди кексаман, деб ўйлаётгандир. Сен унинг юрагини бир оғиз сўзинг билан эритиб юборишинг мумкин. — Мен эримнинг бахтли бўлишини хоҳлайман. Наима кулиб қўйди. — Бўлмаса, кекса аёлнинг маҳаматини қабул қил, менинг айтганимни бажар. * * * Наима ҳамма нарса олдингидай қолишини истамади. Унинг келини қачонлардир у учун қатъиятли бўлганди. Лекин Наима: «Келиним ўзи учун бирор нарсага эга бўлиш учун қатъиятли бўлади», деб шубҳаланганди. Рут билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин Наима уйдан чиқди. У, касал дугонамни кўргани кетяпман, деб айтди. Эшикдан чиқиб, у тўғри шаҳар дарвозаси томон йўл олди, Бўазни ўша ердан топаман, деб ўйлади. Наима тўғри ўйлаган экан: Бўаз ҳар доимгидек ўз жойида ўтирганди. Наиманинг яқинлашиб келаётганини кўриб, Бўаз хавотирланди, айниқса Наима уни қўли билан имлаганда. Бўаз оқсоқолларга нималардир деб ўрнидан турди ва кекса аёлнинг ёнига яқинлашди. — Бирон нарса бўлдими? — Ҳаммаси жойида, — деб жавоб берди Наима. — Унда нега бундай кўриняпсан? — Қандай кўриняпман? — Худди курашга тайёр аёлдай. Агар гап ёш хотин ҳақида кетганда, Бўаз кўр бўлиб қолган бўларди. — Биз четроққа ўтиб, халқ бизнинг ҳар бир гапимизни эшитмайдиган, ҳар бир қадамимизни кузатмайдиган жойга бориб ўтиришимиз мумкинми? Бўаз қовоғини солиб, Наиманинг қадамига қараб, у билан бирга кетди. Улар Байтлаҳмдан чиқишди. Наима анчагача жим кетди. Бўаз хавотирланиб, ўйлаб кўрсин. Ўзи сўрасин. — Сени Рут юбордими? — Йўқ, мени Рут юборгани йўқ. Мен ўз хоҳишим билан келдим. Кимдир сенинг кўзингни очиб қўйиши керакми? — Бу нима деганинг? Наима тўхтаб, Бўазга қаради. — Ҳаётда шундай онлар бўладики, Бўаз, бу пайтда эркак киши ақлига эмас, юрагига қулоқ солади. У юзини буриштириб, четроққа чиқди. — Нималар деяпсан, Наима? Бўазнинг юзлари қизарди, Наиманинг саволига аниқ жаво шу бўлди. Наима қўлларини кўкрагига чалиштириб, диққат билан эркакка қаради. — Сен қачон унга, сенга қариндошлик бурчим ва ҳурмат қилганим мажбуриятидан уйланмаганман, деб айтасан? — Ўзи билади, — деди Бўаз хўмрайиб. Наима қўлларини туширди. — У қандай қилиб буни билар экан? — у Бўазнинг ёнида гоҳ олдинга, гоҳ орқага қараб юрди. — Сен тўйингдан кейин етти кун уйда қолишга ақлинг етди, кейин эса олдинги ҳаётингга қайтдинг. Ухлашдан ташқари қолган вақтларингда эса сен назоратчингга пул тўлайдиган ишлар билан шуғулланасан. Ўз ишларинг билан банд бўлмаганингда эса, дарвоза олдида бошқаларнинг муаммоларини ҳал қиласан. Сен Рут билан уйингдаги меҳмондай гаплашасан! У — сенинг хотининг. Наима Бўазнинг гангиб қолганини кўриб, унга таъна тошларини отишни тўхтатди. У шолрўмолига ўраниб, Бўазга қараб тураверди. — Бўаз, мен Ришонни ҳам билардим. Сенингча, мен ҳамма тирик қолган қариндошларимиз, ўротоқларимиз ҳақида билмасдан туриб, Рутни Байтлаҳмга жўната олармидим? Рут Ришонга хотин бўлишини мен хоҳламадим! Сенингча, у сен каби Рутдан завқланармиди? Рутни сева олармиди? Сен дарвоза олдида ўтириб, далангдан қайтаётган келинимга қандай қилиб қараганингни кузатганман. Мен Худога сен учун ва унга бўлган туйғуларинг учун шукроналар айтардим! Мана нега мен сенинг ёнингга Рутни юборгандим. Сен уни севганинг учун мен Рутни сенинг ёнингга юборган эдим. — Ҳа, мен уни севаман, — деб, хириллаб гапирди Бўаз. — Энди Элималикнинг авлодини давом эттирувчи ўғлинг бор. Наима, мендан яна нима истайсан? У орқага қараб, қўллари билан сочларини силади. Наима оғир нафас олди. Ҳамдардлик, чуқур афсус, унинг юрагини эзиб юборди. — Бўаз, мен сени бахтли бўлишингни хоҳлайман. Сен менинг инъомимни қабул қил. — Мен Рутни қабул қилдим. — Йўқ, сен уни қабул қилмадинг. Бўаз олдинга ўгирилиб, Наимага қаради, Бўазнинг қоп-қора кўзларида дардни уқди. — Менда нима бўлса, Рутнинг ўғли ҳаммасини қабул қилади. Ахир, бу қабул қилиш эмасми?! Ахир, мана шу гапимнинг ўзи Рут билан ўғлини қанчалик юқори баҳолашимни англатмайдими?! — Бўаз, Рут сени севади. У Нимага қараб, лол бўлиб қолди. — Нима? Наима ҳеч қачон бундай ҳаяжонланган инсонни кўрмаганди. — Нима деяпсан? — Мен айтяпманки… Рут… сени… севади, — деб секин гапирди Наима, худди ёш болага тушунтираётгандай. — Бўлиши мумкин эмас! — Нега энди? — гарчи бу сўзлар Бўазнинг қалбини яраласа ҳам, у барибир бу аччиқ гапларни айтиши керак эди. — Чунки мен ёшлигимда кўр бўлиб, сенинг чиройингни кўрмаган эдим. Сен чиройлисан, Бўаз. Аҳамиятга эга бўлмаган нарса вақт ўтиши билан йўқолиши мумкин эмас. Рут қачонлардир менга қараганда, сени яхши тушунди. Энди эса сен кўзларингни очиб, сенга турмушга чиққан аёлга эътибор беришинг керак. — Имконсиз ишга ишонса бўладими? — Наҳотки Худо учун имконсиз иш бор? Мен бунинг рўёбга чиқиши учун ибодат қилардим. Мен бу ҳақда ибодат қилаётган анчагина одамни биламан. Байтлаҳмнинг ярми сен ва Рут учун ибодат қилишади! Наҳотки Худо бизнинг ибодатларимизни эшит-маяпти? Биласанми, Байтлаҳмдаги одамлар кузатиб, кутиб туришибди қачон Худо сиз иккалангизга энг улуғ туҳфани берар экан, деб? Севги. Мана энди У сизларга бу туҳфани берди. — Мен бунга ишонмайман. — Қандай қилиб сен бу ҳақда шу оғзинг билан гапиряпсан, ахир сен шу оғзинг билан қилган ажойиботлари учун Худони кўкларга кўтарасан-ку! Мен нимани гапираётганимни яхши биламан. Ҳозиргина мен уни уйда йиғлаган ҳолатда ташлаб келдим. — Йиғлаган ҳолатда? — Чунки сен ўзингнинг уйингда ҳеч қачон бўлмайсан. Бўаз бир дақиқа жим турди, кейин эса кулиб юборди. Унинг кулгусини эшитиш ёқимли эди, лекин унинг ёнаётган кўзларини кўриш яна ҳам ёқимлироқ бўлди. Кулгу юмшоқ табассумга алмашди, у диққат билан Наиманинг кўзларига қаради. — Наима, бу ғалати эмасми? Қачонлардир мен сени севардим. — Мен эса калтафаҳм, бўш-баёвгина ёш қиз бўлгандим. Наима унга яқинлашиб, унинг оғзини қўллари билан ёпди. — Энди эса мен сенинг қайнонангман, — деб кулиб гапирди ва ҳазиллашиб Бўазнинг қўлига урди: — Бўлмаса, кекса аёлга ҳурмат кўрсат. Ўғлим, уйга бор. Уйингга — қизимнинг олдига, сени севадиган, сен қадам босган ерни севадиган Рутнинг олдига бор. Бўаз таъзим қилиб, Наиманинг юзидан ўпиб қўйди. — Худонинг ўзи сени марҳаматласин, Наима, — дея хириллаб гапирди у. Наима унинг кетидан қараб қолди. У бошини қимирлатиб, Рут ва Бўаз ўзларига ишонмаётганликларига ҳайрон бўлди. О, лекин улар Худога бўлган нақадар мустаҳкам эътиқодга эгадирлар. Бу эса яхши, ғоятда яхши. Йўқ, бу ҳаммасидан кўра зўр эди. Чунки Худо уларни умидсизлантирмайди. Наима орқасига қараб, кўз ёш билан яйдоқ далаларга қаради. У Элималик ҳақида ўйларди. У Махлўн ва Хилён, йўқотилган оғриқ ҳақида ўйларди. Бироқ у Худога шукроналар айтарди, чунки уларнинг қилган хатолари, шу қаторда ўзининг ҳам қилган хатолари учун Худо унинг ўғиллари номи йўқ бўлиб кетишига йўл қўймади. * * * Бўаз уйига кираётганда, унинг юраги санчиб кетди, томоғида алланарса пайдо бўлди. — Рут? — Мен бу ердаман! — деб жавоб берди, Рутнинг овозида ҳайронлик сезилди. Бўаз ўзларининг ётоқхоналарига кириб, Рутни кўрди. Ҳаяжонланган, катта-катта очилган кўзларини тикиб Рут тўқув дастгоҳи ёнидан турди. — Бўаз, — ҳаяжонланганидан у қизариб кетганди, — бугун эртароқ келибсизми? — Сен бунга қаршимисан? — Йўқ. Албатта йўқ! У хотинига яқинлашиб, унинг юзига диққат билан қаради. Унинг юзлари одатдагидан қизил эди. Бўаз Рутга яқинлашганда, Рут ҳай-ратдан кўзларини яна ҳам каттароқ қилиб очди. Бўаз уни асабийлашишга мажбур қилди. У қўлини чўзиб, тикаётган газламаларини йиғиштириб, қўлини орқасига яшириб олди. Бўаз олдин ҳеч қачон Рутнинг бу қадар ҳаяжонланганини кўрмаган эди. Демак, Рут ҳам унга қараганда кўпроқ ҳаяжонланибди-да? — Қайнонам сизга гапирдими? — деб эзилган овоз билан гапирди. — Ҳа, лекин у менга айтган гапларига аранг ишондим. Рут эрига қаради. — У сизга нима деди? Бўаз ортиқча сўз айтиб қўйишга қўрқди, шунинг учун эҳтиёткорлик билан гап бошлади: — У дедики… сен мен билан гаплашиб олмоқчимидинг? Бу гал Рут, шубҳасиз яна ҳам кўпроқ қизариб кетди. — Кечир, мен сени уялтирдим. Менимча у нотўғри тушунди, ёки мен, ёки… Рут унинг гапини бўлди. — Йўқ. Мен қайнонам сиз билан гаплашишини кутган эдим. Бўаз хотинига қаради. — Рут, истагинг нима, айтавер. Обид менинг ерларим меросхўри бўлади. — Бўаз, сизнинг ерларингиз ҳали кўп ўғилларингизга етади. Унинг юраги сассиз ва тез уриб кетди. Рут ҳам бундай қатъий таклифдан кейин, уялиб табассум қилди. Бироқ у ҳали гапини тугатмаган эди. У эрининг кўзига тик қараб, унинг ёнига келди. — Худога қанча керак бўлса, мен сизга шунча ўғил-қизларни туғиб бераман. — Оҳ, севгилим! Рут ҳайрон бўлиб кўзини пирпиратди, лекин кейин унинг кўзлари шундай чақнаб кетдики, ҳаттоки Бўаз ҳам унинг туйғуларидан шубҳаланмади. Бўаз майин кулиб қўйди. — Сизлар Байтлаҳмга келганларингизда, сизлар ҳақингизда эши-тиб, сен тамомила бошқачалигингни тушундим. Кейин сен далага келдинг… мен шуни тушуниб, ҳайратда қолдимки, менинг ёшимдаги эркак киши ҳам бундай туйғуларни ҳис қила оларкан. Рут Бўазнинг бўйнидан қучоқлаганча, йиғлаб, унга ёпишди. Бўаз эсанкираб, Рутни яна ҳам қаттиқ қучоқлаб олди. У қалтираб, йиғлар-ди. Айтилган гаплардан қайси бири уни хафа қилди экан? Бўаз унинг сочлари ҳидига маст бўлиб, ўша тунни — Рут биринчи марта ҳирмонга келган кунни эслади. Ўшанда ундан хушбўй тутатқи таралиб турарди. Лекин Бўазга у ҳозир қандай бўлса, ўшандайлигича ёқарди. Ундан баҳор ҳиди келарди, Бўаз ўзини ёш деб ҳис қилишига мажбур қиларди. — Сен бахтли бўлишинг учун мен нима дейишим ёки нима қилишим керак? — Мен бахтлиман. — Лекин сен йиғлаяпсан-ку! — Наҳотки? — Рут Бўазга қаради, унинг юзларидан ёш оқар-ди. — Мен ҳеч қачон бундай бахтли бўлмаганман! Мен кулиб, қўшиқ айтишни ва ўйингга тушишни хоҳлаяпман, чунки сиз мени севасиз. Рутнинг бундай очиқ кўнгиллигидан Бўаз бирга куларди. — Агар сен ўз туйғуларинг ҳақида шама қилганингда эди, мен бу гапларни олдинроқ айтган бўлардим. — Мен бу гапларим билан сизни ёмон аҳволга солиб қўяман деб қўрққан бўлсам, сизга қандай қилиб бу ҳақда айта олардим?! — А-а-а. Сен айтмоқчисанки, мени биринчи кўришингдаёқ севиб қолгансан? — Йўқ, лекин сиз менга биринчи кундаёқ раҳмдил бўлганингизда, мен сиздан ҳайратланган эдим. — Отангга ҳайратланиб қарагандайми? — тўнғиллаб гапирди Бўаз. — Фақатгина сиз мени «қизгинам» деб айтганингиз учун. У оҳиста Рутнинг юзини силади. — Мен ҳар доим ўзимга, бу қиз менга жуда ҳам ёш, деб эслатиб туришим керак эди. Мен сенга бундай туйғуларни ҳис қилишга муносиб эмасман, деб ўйлардим. — Шунинг учун мен сизнинг олдингизга хирмонга келиб, ўзимни сизга таклиф қилишим керак эди. — Агар Наима сени мажбур қилмаганда, сен бундай қилмасдинг. — У шундай қилганидан мен хурсандман. Умр бўйи Худонинг ўзи уни марҳаматласин! Рут бошини қимирлатиб қўйди, аста хўрсинди. Унинг юзида майин табассум пайдо бўлди. — Мен кимнидир Махлўнни севганимдай севиб қоламан, деб ҳеч қачон ўйламагандим Ҳозир мендаги сизга нисбатан пайдо бўлган ҳис-туйғуларим олдингидан ҳам кучлидир. О, Бўаз, Худо марҳаматлидир! У меҳрибон ва сахий. Рут кўзлари қувнаб эрига қаради, юзидан кўз ёшлари оқиб тушди. Бўаз унинг юзида ушлаб ўзига қаратиб, севги тўла нигоҳини кўриб, ҳузур қиларди. — Бунинг ҳаммасини Худонинг ўзи қилди, жонгинам, фақатгина У! Эй Раббим, Сен мени ҳайратда қолдиряпсан! Мен бундай бахт ҳақида ўйлашга журъат ҳам қилолмагандим. Бўаз эгилиб, умри давомида йиғилиб қолган меҳрибонликлари билан Рутни ўпиб қўйди. * * * Аёллар ҳам ўзаро гаплашардилар… «Мен олдин Рутни яхшироқ деб ўйлардим, ҳозир эса у гўзал бўлиб қолди. Сен Рутдан кўра чиройли аёлни кўрганмисан?» «Унинг бундай чиройли бўлишига севги сабабчи». «Севги эмас, кийим. Бу кийимнинг эвазига у шунақа чиройли. Ҳамма қизлар ҳам, агар шаҳардаги энг бадавлат кишига турмушга чиққанларида эди, ҳамммалари ҳам чиройли кўринардилар». «Агар сен бу қизга хирқани кийгизиб қўйсанг, у ўшанда ҳам гулгул ёнади». «У ёниб турган шамчироқдай чарақлайди-я». «Кўряпсанми, у Бўазга қандай қараяпти». «Сен-чи, Бўаз унга қандай қараганини кўрдингми?» Аёллар хиринглашди. «Агар Рутнинг ўрнида бўлганимда, мен жуда ҳам бахтли бўлардим». «Наима уларни қовуштириб қўйганидан хурсанд бўлаётгандир». «Бу ерда айтдинг, у ерда эса туртиб қўясан». «Бўазни туртиб қўйиш шарт эмас эди». «Наҳотки бизнинг орамизда бундан ҳам муносиби бор? Яна ким ҳам камбағалларга Бўаздан кўра сахий?!» «Наҳотки Рутдан бошқа қайнонасига бунчалик содиқ аёл бор бўлса?!» «О, Худойимиз уларга Ўз марҳаматини ёғдирди». «Худонинг номи улуғлансин». * * * Эркаклар ҳам ўзларича гаплашиб ўтиришарди… «Бизнинг акамиз бахтли бўлганидан мен хурсандман». «Ака, биз ҳам хурсандмиз». «Худо Бўазнинг ибодатларига жавоб беришини у анчагача кутди». «Саховатли хотин ёқутдан ҳам қимматлидир». «Гўзаллик абадий эмас». «Чиндан ҳам, лекин Рут шундай аёлки, у Худодан қўрқади, эрини ҳурмат қилади». «Эрини севади ҳам. Кимнинг кўзи бўлса, буни кўради». «У ҳар қандай мақтовларга сазовордир». «Бизнинг акамизнинг уйи тўлсин». «Ўғиллари Бўазга ўхшаш бўлсин, қизлари Рутга ўхшаган бўлсин». «Худонинг ўзи сенинг сўзларингни эшитсин». Шаҳар дарвозаларидаги бутун жамоат: «Омин!» деб бақирди. Хотима Мана Параснинг бутун авлоди, Парасдан бошланиб: Парас (Тамар унинг онаси эди), Ҳасрўн, Арам, Аминадаб, Наҳшўн, Салмўн, Бўаз, Обид, Ишай ва Исроил шоҳи Довуд. Шоҳ Довуд наслидан Масиҳ дунёга келди, Худонинг ёғ суртилгани Исо — бизнинг Нажоткоримиз ва Раббимиздир. БУРСАБО Ҳукм қилинмаган Ҳаракатнинг вақти ва жойи Исроилнинг қудратли подшоҳи Шоул оддий чўпон Довуддан қўрқар эди. Чунки Эгамиз бу ўспиринни марҳаматлаган эди. Худо Довудга одамлар кўнглига йўл топиш қобилиятини инъом қилган эди. Довуд гапирганда, одамлар унинг гапига қулоқ солардилар. У рақсга тушганда қизларнинг юраги уришдан тўхтаб қолар эди. У куйлаганда, аёллар, эркаклар ва болалар Худога юракларини очиб, Унга ҳамду санолар айтишарди. Довуд Шоулнинг қаҳрли ғазабидан саҳрога қочиб кетганда, унинг ортидан бир неча юз одам эргашди. Бу одамларнинг айримлари ҳаётдан норози, айримлари филистларнинг босқинчиликларидан зада бўлиб, паноҳ излар эдилар, бошқалари эса ўзлари ишонмайдиган шоҳга итоат этишни истамас эдилар. Улар Адуллам ва Эн-Кайди ғорларида яшашарди. Худо Исроилнинг олий Ҳукмдори бўлган кун-ларни қўмсайдиган тақводор эркаклар орасида одам ўлдириб, ўғирлик қилишни маъқул деб биладиганлар ҳам бор эди. Шоул, Довуд — менинг душманим, деб буни ўзи тўқиб чиқарган эди. Шоулнинг бу рақибига бўлган ҳасади ошиб бораверди. Охири халқ иккига бўлиниб қолди. Лекин Довуд шоҳнинг ҳукмронлигига содиқ, вафодорлигича қолди. У зўрлик билан Шоулни тожидан маҳрум қилишни хоҳламас, сабр билан Худо ўзига ён босишини кутарди. Бу орада Довуднинг тарафдорлари ошиб бораверди: икки юз жангчидан тўрт юз жангчига, кейин эса олти юз жангчига қўпайди. Улар орасида ўттизта жасур эр йигитлар бор эди. Улар садоқатини, мардлигини доимо намоён қилар эдилар. Довуд уларга далда берарди. Ўзларига тегишли бўлган нарсаларни душмандан ҳимоя қилиш учун улар бир оиладай яшашарди. Бу душманнинг кимлиги — Худодан қайтган Исроил подшоҳими ёки уларни ўраб турган бутпараст жангчиларми — булар муҳим эмас эди. Бу ботир жангчилар Довуднинг ёнига ўзлари ёлғиз келишмади. Улар ўзлари билан бирга хотинларини, ўғил-қизларини ҳам олиб ке-лишди. Довуднинг орқасидан эргашган одамларнинг орасида Бурсабо деган кичкина қизалоқ ҳам бор эди. Биринчи боб Бобосининг тиззасига ўтириб олган Бурсабо нондан бир бурда синдирди-да, бобосига берди. Ахитофел кулиб, неварасининг қўлидан нон еди. — У борган сари онаси Елиёмга ўхшаб кетяпти. Бурсабонинг отаси қовоғини солиб. уларни кузатиб турган эди. — Бунчалик тез вояга етаётганига ишониш қийин У энди саккиз ёшга кирди. Ҳадемай унга турмуш ўртоқ қидиришимга тўғри келади. — Ёш, чиройли хотинни ҳимоя қила олиши учун кучли эр керак. Кўринишидан фариштага ўхшаган, гулханнинг нариги тарафида ўтирган эркакка қизча қаради. У бобосининг кийимидан тортди ва пичирлаб, қалбидаги хоҳишини билдирди: — Мен Довудга турмушга чиқмоқчиман. Ахитофел хохолаб кулиб юборди ва Бурсабо гапираётган чиройли ёш йигитга қаради. — Довуд, сен мана бу қизчанинг ҳам юрагидан жой олибсан. Жондан ортиқ севган одами гап нима ҳақида кетаётганини тушунмасдан ҳайрон бўлиб бобосига қараган эди, Бурсабо қизариб кетди. — Бурсабо, Довудни унут. Жоним болам, ахир, унинг учта хотини бор. Ахитофел қизчанинг кўзларига қаради, Ахитофелнинг юзидан табассум йўқолди. Бунинг ўрнига чуқур ўйлаб қолди. — Подшоҳнинг ҳарамидаги бир қанча хотинларидан бири бўлганидан кўра, камбағалнинг ягона хотини бўлган яхши, — деди у. Шу пайт Бурсабони онаси чақириб қолди: — Бурсабо, чодирга кир! Отаси қизчани бобосининг тиззасидан олиб ерга қўйди-да, эрка-лаб орқасига уриб қўйиб, онасининг ёнига жўнатди. Бурсабо Довудга қарамоқчи бўлиб, тўхтади, онаси эса қизининг қўлидан ушлади, чодирга олиб кириб кетгач, қизининг орқасидан чодир пардасини туширди. — Ухлаш вақти бўлди энди. Онаси Бурсабонинг ёнига ётди, устига жунли кўрпани ёпиб қўйди. Кейин чўккалаб эгилиб, қизини ўпиб қўйди. Хавотирланаётган онаси қизининг пешонасидаги соч толаларини йиғиштириб қўйди. — Бурсабо, баъзан орзулар юракни фақат пароканда қилиши мумкин. — Лекин, мен… Онаси кафтлари билан унинг оғзини ёпди. — Бас, етар, қизим, — у ўрнидан турди. — Ухла. Бурсабо ухламасдан ташқарида секин гаплашишаётган эркакларнинг овозини эшитиб ётарди. Гулхан олдида ўтирганларнинг ёнига бошқа жангчилар ҳам келиб қўшилишди. Бурсабо Йўаб билан унинг акаси Абушайнинг овозини таниди. Икковлари ҳам Довуднинг қўшинининг лашкарбошилари эдилар. Улар лашкарбошилик маҳоратларини ошириш учун Бурсабонинг бобоси билан тез-тез маслаҳат қилиб туришарди. Унинг маслаҳатини, ҳатто Довуд ҳам қадрлар эди. Ахитофел филистлар ва омолекларнинг уруш олиб бориш усулини ўргатарди. Канъон ерларини эса беш қўлдай билар эди. — Довуд, Саул бугун бизнинг қўлимизда эди, — деди Йўаб. — Ана ўша қулай пайтдан фойдаланиб, сен уни ўлдиришинг керак эди. Абушай ҳам укасининг гапларини қўллаб-қувватлади: — Сен Шоулни ўлдиришинг керак эди! Биз дам олиб ётган ғорга кирганда, Худонинг ўзи уни бизнинг қўлимизга топширди. Мен сен учун уни бошини олиб ташлашга тайёр эдим. — Мен нега уни ўлдирмоқчи эмаслигимни айтган эдим, — деб жавоб берди Довуд. — Шоул бошига муқаддас ёғ суртилган одам, Худо уни шоҳ қилиб танлаган. — Лекин Шоул сени пойлаб юрибди-ку, — деди норозилик билан Йўаб, — то бирорталаринг ўлмагунингизча, у сени таъқиб қилаверади. — Шоулдан бугуноқ шоҳлик тожини тортиб олсанг, халқ бундан хурсанд бўлар эди, — деди бошқа жангчи. Бурсабо отасининг гулхани атрофида ўтирган эркакларнинг маъқуллаётган овозини эшитди. — Чўпонни енгиб кўр, қўйлар ҳамма ёққа тум-тарақай бўлиб кетади, — шама қилди Йўаб. — Эй Шеруя ўғиллари, сизларни нима қилсам экан? — жиддий оҳангда деди Довуд. Довуд Йўаб билан Абушайнинг гап-сўзлари, ҳаракатларидан жаҳли чиққанини билди. — Худонинг муқаддас ёғ суртилган одамига ҳеч қачон қўл кўтармаслигимни яна қанча уқтиришим керак сизларга?! Бурсабо узоқлашаётган қадам товушларини эшитди. — Мен унга тушунмаяпман, — деди ҳайрон бўлиб Йўаб. — Ахитофел, унинг ақлини киритиб қўй! — Шоҳ ғорда Довудга орқасини ўгириб турганда, Довуд муаммони бартараф қилиш учун шоҳни бугун ўлдириб, бирон фойда топармиди? — Бурсабонинг бобоси ҳайрон бўлиб турган ёш жангчилардан сўради. — Шоул ғорга кириб, кейин яна йўлга чиқди, Довуд уни чақирди, Шоул эшитди. Довуд уни ўлдириши мумкинлигини, бироқ ўлдирмай, шоҳнинг ғурурини синдирди, унга кетишга ижозат берди, буни шоҳнинг ўзи ҳам тушунди. Шоулнинг шоҳлигини қўлга киритишни истаётган одам шундай йўл тутармиди? Албатта, йўқ! Энди Шоулга хизмат қилаётган ҳар бир одам Довуднинг ростгўй, адолатли инсон эканини билади! Шоҳ тавба қилиши учун Довуд имконият берганини ҳам Шоулнинг одамлари энди англаб етади. — Тавба қилиб бўпти! Шоул яқин орада баттар жазавага тушиб, Довуднинг орқасидан ташланади… Наҳотки, Намбадаги саксон беш руҳонийни оиласи билан қатл қилишни буюрган одамга биз раҳм қилишимиз керак?! — Шоулни муҳокама қилишни Парвардигорга қўйиб бер. Довуд тўғри йўл тутяпти. — Шоул тирик экан, Довудга тинчлик бермаслигини сиз мендан кўра яхши биласиз! — Йўаб, мен Худо ғолиб чиқишини ҳам биламан. Бир кун келиб Худо Довудни шоҳ қилиб танлайди, биз эмас. Ҳаммасининг устидан Парвардигор ҳукмронлик қилади. Ҳар куни бизнинг сафимизга янги одамлар қўшиляпти. Нимага? Чунки Довуд қаерга бормасин, Худо унга кўрсатишига ишонишади. Қалқони Исроилнинг Худоси бўлган одамни филистлар ҳам, аммонликлар ҳам, омолеқлар ҳам ҳеч қачон енгишолмайди. — Мен Довуднинг бошида шоҳлик тожини кўргим келяпти! — Йўаб, биз ҳам шуни хоҳлаймиз. Лекин бу Худо белгилаган вақтда бўлсин. Эркаклар ҳамон гаплашардилар. Қизчанинг кўз қовоқлари юмилиб, охири ухлаб қолди. У тушида шоҳлик либосини кийиб олган ва унга қўлини чўзаётган Довудни кўрди. Бирдан Бурсабо қандайдир шовқин-сурондан уйғониб кетди. У ётиб, қулоқ тутди. Узоқда эркаклар бақираётган эдилар. Ҳали ҳам тортишишаётган бўлсалар керак-да. Бурсабо таниш овозларни эшитди. У ўрнидан турди, гулхан олдида содир бўлаётган вокеаларни билиш учун чодирнинг ёриғидан кўрмоқчи бўлди. Довуд қайтиб келган, милтиллаб ёнаётган олов ёнида отаси ва бобоси билан гаплашаётган эди. — Филистларга биз уларнинг тарафида эканлигимизни уқтиришимиз керак эди, — деди Довуд. — Жанг пайтида улар Шоулни сиқишни бошлашганда, биз улар билан бирга ҳужум қиламиз ва Шоулни улар енгишларига ёрдам берамиз. Бобосининг қовоғи солиқ, қиёфаси жиддийлашди. — Қанча одамни олишни режалаштиряпсан? — деб сўради у Довуддан. — Ҳаммасини. — Аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади? Довудни кузатиб турган Бурсабо орзуларга берилди. Довуд Ахитофелнинг гапларини эшитиб, бошини эгиб ўтириши унга ёқарди. У танлаган одамининг юзидаги ҳар бир ҳаракатни ўрганар эди. Эркаклар яна бақиришни бошлашди. Онаси инқиллаб ўрнидан қимирлади. Бурсабо яна кўчага қаради. Довуд шовқин келаётган томонга бошини бурди. Унинг қиёфаси жиддийлашди. — Одамлар кўп, мен уларни эплолмайман! Бобоси тиззаларининг орасига қўлларини қисиб ўтирар эди. — Улар худди қўй подасига ўхшайди, уларга кучли чўпон керак. — Улар кўпроқ бўрилар тўдасига ўхшашади! — Довуд бошини силкитди ва ўрнидан турди. — Мен уларни тинчитишим керак. У чуқур нафас олди-да, нари кетди. — Мен уни тушунмаяпман, — деди қоронғу тарафга тош отиб Элиёб. — Ўзининг ҳаёти хавф остидаю нега Саулнинг ҳаётини қутқармоқчи бўляпти? — Шоулнинг ўғли Йўнатан Довуднинг яқин дўсти эканлигини унутдингми? Довуднинг биринчи хотини эса Шоулнинг қизи. — Ота, Йўнатан ўзини бир четга олишни афзал кўрди, Мелхола ҳам шарманда бўлди. Шоул Мелхолани бошқа эркакка бериб юбор-ди. Довуд, ҳамма нарса ўзгаради, аввалгидай мендан Шоул ғазабланаверади, ҳам қўрқиб юради, деб умид қилиб яшаяпти. Лекин ҳеч қачон бундай бўлмайди. Бобоси гулхандаги кўмирни чўп билан ковлади. — Йўаб нотўғри маслаҳат берди. Ҳа, Шоулнинг ўлими бу урушга нуқта қўяди, Довудни эса тахтга олиб боради. Лекин Довуд Худонинг муқаддас ёғ суртилган бандасини ўлдирса, Довуд марҳаматга сазовор бўлмайди. Эҳ, ўғлим, Довуд Худонинг йўл-йўриқларига қулоқ солиб яшаяпти. У Худони севади, — Ахитофел осмонга қаради, унинг юзлари алангадай ловулларди. — Агар ҳар биримизда Довуднинг юрагидай юрак бўлганда эди, Худо бизга шундай шоҳликни барпо қилардики, — деди у чўпни оловга ташларкан. — Қани, юр, дўстларимизнинг олдига борамиз, бу сафар Худо Довудга қандай амр берганини эшитамиз. Довуд жангчилар билан ҳеч ҳам бақириб гапирмаслигини, улар билан тортишмаслигини Бурсабо яхши биларди. У шунчаки жанг-чилар билан бирга ўтириб қўшиқ айтади. Бир қанча вақт ўтиб қизча эркакларнинг шовқини орасидан Довуднинг чилтори овозини эшитди. У гўзал, қалбларга ором берувчи мусиқани чаларди. Жангчиларнинг қизишиб қилаётган баҳслари секин-аста тинчиди. Ниҳоят, бақир-чақир овозлар ҳам тинди. Бурсабо чодир ёриғини каттароқ очиб, кўчада нима содир бўлаётганини яхшироқ кўришга ҳаракат қилди. Довуддаги шижоатни Худо ато қилган, деб бобоси доим гапирар эди. Унинг қўшиқлари халқнинг кайфиятини кўтаришга қодир, одамларнинг диққатини ҳаётнинг икир-чикирларидан чалғитиб, Худонинг улуғворлиги ва марҳаматини Ўзи танлаган халқ устига ёғдираётганига жалб қила оларди. Бурсабо Довуднинг мусиқасини ва қўшиғини тез-тез эшитар, лекин ҳар қанча эшитса ҳам унинг жонига тегмас эди. Онаси ухлаб ётарди. Ҳаммасини эшитгани, кўргани чодирдан чиқиб уларнинг ёнига борса, нимаси ёмон? Бурсабо чодирнинг тагидан ўрмалаб чиқди, гулханнинг атрофига йиғилган эркакларнинг ёнига шошилди. У чўккалаб ўтириб, тиззаларини қўллари билан ушлади. Довудни кўрдию юраги дукиллаб кетди. Аланга ёруғида Довуднинг юзи ялтирар эди. Ҳеч ким унинг севгилиси Довуд каби чиройли эмас эди. — Эй, Эгам, Сенинг Улуғ номинг шуҳрати оламни тўлдир-син! — тунда Довуднинг овози жаранглади. У ўгирилиб олди, кейинги сўзларини Бурсабо эшита олмади. Бурсабо ўрнидан туриб, яқинроқ келди. Довуднинг сўзларини эшитиб эркаклар бирин-кетин ерга ўтиришди, яхшироқ жойлашиб олишди. Қўшиқ айтишдан баҳраманд бўлаётганлар ундан кўзларини узмас эдилар. Унинг қўшиғидаги куч ва ишонч руҳонийнинг ибодатига қараганда қудратлироқ эди. Довудни одамлари ўраб олган эди. Довуднинг кўҳна қўшиғи билан мусиқаси қизчанинг қалбини тўлқинлантирарди. Довуд қўшиғини охирига етказиб, бошини кўтарди. Кейин Довуднинг тилига яна мана бу сўзлар келди. — Тунлари осмонга, Сенинг бармоқларинг ижодига, Ўзинг ўрнатган ою юлдузларга қараганимда, Ўзингнинг ижодинг бўлган инсонга қараганимда, Сен инсон зотини доимо ёдингда тутишингни, биз тўғримизда ғамхўрлик қилишингни биламан! Энди ҳамма Довуд бошини эгиб, чилторининг торларини қандай созлаётганини кузатиб туришар эди. Мусиқа ва сўзлар шунчалик таъсирчан эдики, худди Бурсабонинг юраги торларини созлаётгандек эди. — Сен инсонни фаришталар олдида камситмадинг, унга обрў, улуғворлик бердинг. Сен қўлларинг билан уни ҳукмрон қилдинг, ҳаммасини унинг оёғини остига ташладинг: қўй ва ҳўкизларни, жамики даштдаги ҳайвонларни, осмондаги қушларни, денгиздаги балиқларни, денгиз йўлларидан келувчи ҳамма нарсани улуғвор қилдинг! — Довуд бошини тебратиб, яна юлдузларга қаради, юзи эса қувончдан порлар эди. — Эй Эгамиз Раббий, бутун оламда Сенинг номинг улуғдир! У яна чилторида бир йўла бир неча мусиқа чалди, бутун оламнинг Раббийсини улуғлаб, секин қўлларини кўтарди. Атроф шунчалик жим-жит эдики, ҳатто Бурсабо ўзининг юраги уришини эшит олар эди. — Довуд, яна куйлаб бер, — деб сўради Ахитофел. Бошқалар унинг сўзини қувватлади. — Эгамиз ҳақида бизга куйлаб бер! Бурсабо ўрнидан турди, тўпланиб турган одамлар орасига кириб олди-да, исингани бобосининг ёнига ўрнашиб олди. — Бу ерда нима қиляпсан? — жаҳл билан деди Ахитофел, кейин неварасини бағрига қаттиқ босиб қучоқлади. — Мен ҳам, албатта эшитишим керак-ку, совқотиб қолдим, — совуқдан титраётган Бурсабо бобосига илтижо билан қаради. — Илтимос, бобожон, озгина… — Мен сенга «йўқ» дея олмаслигимни биласан-ку, — жавоб берди Ахитофел ва чопони билан неварасини ўраб олди, — битта қўшиқ эшитасан, холос. Довуд бошқа қўшиқни — Бурсабо кўп марта эшитган санони куйлади. Довуднинг чиройли юзи гулхан ёруғида порлар, қўшиғининг сўзлари эса Бурсабонинг қалбини жунбушга келтирар эди. Довуд Бурсабони ўраб турган эркаклардан фарқ қилиб жанг қилишни ёқтирмасди. У тинчлик ўрнатишга ҳаракат қиларди. У Худодан мадад, раҳм-шафқат сўрарди, душманлардан халос қилгин деб илтижо қилар эди. Агар унинг жонига қасд қилишни пойлаб юрган шоҳ Шоул, филистлар, аммонлар ва омолеқлар бўлмаганда, ҳаёт қандай бўлар эди-я! Бурсабо отасига қаради, Довуднинг гапларига диққат билан қулоқ солиб олдинга эгилди. Унинг кўзларига ёш келди. Худо уларни ҳимоя қилишини неча марта эшитган эди? Худо уларни Эн-кайди ва Адуллам ғорларида муҳофаза қилади. Худо уларни овқат ва сув билан таъминлайди. Худо уларга ҳамма душманлар устидан ғалаба ато қилади. Нимага? Чунки улар Довуд билан бирга эдилар, Довуд эса фақат Худонинг хоҳиш-иродаси билан иш тутарди. Қўшиқларида Довуд Худога илтижо қилар, Худо ҳам унинг илтижоларини эшитарди. Довуд бир неча қадам юрди, бошини эгганича, бир неча сония тўхтади. Бурсабо Довудни кузатиб турарди. Бурсабонинг юраги орзиқишига сабаб бўладиган мусиқани Довуд чалмоқчи бўлиб, торларини созлаётган эди. Довуд бошини кўтарди, бирин-кетин одамларга разм солди. Довуд Бурсабони кўрдимикин? Бурсабо отаси ва бобоси билан бирга ўтирганини сездимикин? — Эгам — менинг Чўпоним, шу боис мен ҳеч қачон зориқмайман. Довуднинг нигоҳи Бурсабога тушганда, унинг юраги тўхтаб қолгандай бўлди. У нафасини ичига ютиб Довудга қаради. Аммо Довуд, менга ҳамма бирдай қадрли, дегандай нигоҳини бошқаларга қаратди. Бурсабонинг Довудга бўлган севгиси ниҳоятда кучли ва бундан ўзи ҳам ҳайратда эди. Аммо Довудга садоқатли одамларнинг орасида пайқамагани Бурсабони ташвишга соларди. Довуд, сен менинг чўпонимсан. Номини айта олмайдиган нарсани исташга мени мажбур қиляпсан. Сен бизга саҳро ортидан қараяпсан, лекин сен биз билан бирга бўлганингда, мен қўрқмайман. Мен сен учун ҳаммасини қиламан… Кимдир қизчани елкаларидан ушлади, қизча қўрқиб кетди. — Бурсабо! — жаҳл билан шивирлади онаси. — Мана, сен яна қўлга тушиб қолдинг, — деди бобоси неварасининг елкасидан секин чопонини оларкан. Онаси қовоғини солганича, қизининг қўлидан ушлаб, даст кўтарди. Онаси чодирга кетар экан, бир оз юргандан кейин у қизини ерга туширди. — Сени хивчин билан бир савалашим керак эдию, қутулиб қолдинг-да! Бурсабо бошини эгиб, онасини орқасидан кетди. Онаси шовқин солганича, чодирнинг пардасини кўтарди. — Кир! — онаси қизининг орқасига бир шапатилаб чодир ичкарисига киргизди. — Сен қаерда бўлишингни ўзим биламан, отанг қайтиб келгунча сен менинг ёнимда ухлайсан, — дея онаси Бурсабони ўзига тортди. — Биласан-а, қулоқ солиб, итоаткор бўлиш фойдалилигини. Бурсабо бурнини тортди. — Ойи, кечиринг. Мен ҳақиқатан ҳам уни севаман. Онаси чуқур нафас олди. — Биламан, қизим. Биз ҳаммамиз Довудни севамиз. — Лекин мен севгандай севолмайсизлар. Мен қачонлардир барибир унга турмушга чиқаман. Онаси Бурсабони бағрига босди. — Вой, жоним қоқиндиқ-эй, ҳамма қизларнинг орзуси ҳам шу. Бурсабо, гапимга қулоқ сол. Сен амалга ошмайдиган ишни истаяпсан. Бу гаплариннг шунчаки болаларча орзулар. — Нимага? — Чунки Довуд сенинг тенгинг эмас. Қизча кўз ёшларини ичига ютди. — У чўпон эди-ку. — У ҳозир ҳам чўпон, лекин ҳамма чўпонларга ўхшаган чўпон эмас. Сен буни тушунишга ҳали ёшсан. Бурсабо, сен буни бир умр ёдингда тут: Довуд шоҳ бўлади, унинг тақдирида бу олдиндан ёзиб қўйилган. У ҳамма шоҳлар каби шоҳларнинг қизига уйланади. Сен бўлса оддий жангчининг қизисан, холос. — Отам — жангчи, Довуднинг энг яхши жангчиларидан бири, энг яқин дўстларидан ҳам биттаси. Бобом бўлса… — Бўлди, бас! Ёдингда тут, Шоул қизи Мелхолани бошқасига бериб юборган бўлса ҳам, Довуд олдин барибир ўша қизга уйланган, Бундан ташқари, унинг яна иккита хотини бор — Обигайл ва Охиноям деган. — Обигайл шоҳнинг қизи эмас, — қайсарлик билан деди Бурсабо. — Тўғри, лекин Обигайл Довудни оғир гуноҳ қилишдан сақлаб қолди. Обигайл ақллилик қилди, шунинг учун Довуд ундан миннатдор. Шу билан бирга, у жуда чиройли аёл. — Сиз шундай ўйлайсиз, мен ҳам шунақангги чиройли қиз бўламанки, шунақангги чиройли бўламанки, ҳатто Довуд… — Сен келажакда жуда чиройли қиз бўласан, ақлинг ҳам тўлишига умид қиламан. Ҳеч бўлмаганда, сен баъзи орзуларни амалга ошириб бўлмаслигини тушуниш учун етарлича ақлли бўласан. Отанг сен учун яхши йигитни танлайди. Ўшанда сен қачонлардир Довудни севиб қолганингни унутиб юборасан. Ҳеч қачон бундай бўлмайди! Ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон! Бурсабо кўз ёшларини артиб, онасига тескари қараб олди. — Жоним болам, сен вояга етганингда, одамга эмас, Худога таъзим қилишни тушуниб етасан, — деди онаси унга. Бурсабо жим ётаверди, то онаси чуқур, бир текис нафас олгунча чурқ этмади. У эҳтиёткорлик билан астагина онасининг қўлларини устидан олди. «Ташқарида нима бўляпти экан», деб қизиқиб, яна бир қарамоқчи бўлди ва чодирнинг нариги четига борди. Отаси ва бобоси гулхан ёнига қайтиб келибди. Довуд улар билан бирга экан. Улар паст овозда жанг режасини муҳокама қилишар эди. Бурсабо кўзини юмди, Довуднинг овозини эшитиб ётди. У хотиржам бўлиб, ухлаб қолди. * * * Бурсабо азонда уйғонди. У қараса, ўзининг ўрнида ётибди, устига кўрпа ёпилган. Отаси онасининг ёнида хуррак отиб ётибди. Қизча овоз чиқармай ўрнидан туриб, чодирдан чиқди. Одатда бу вақтда Довуд ҳам уйғонар эди. У доим эрта ўрнидан туради. Ибодат вақтида Худо билан танҳо қолиш учун қароргоҳдан нари кетарди. Бурсабо бир неча марта Довудни Эн-кайди томондан келаётганини кўрган эди, шунинг учун у ўша ёққа шошилди. Севгилиси чўкка тушиб, дарёда юз-қўлини юваётган экан. Бурсабо Довудни кўрдию юраги дукиллаб ура бошлади. Отаси билан бобоси ҳам ибодат қилишдан олдин шундай қилишар эди. Бурсабонинг оёғи остидаги шағал қияликдан пастга қараб шувиллаб қуйилди. Довуд бирдан орқасига қаради. Унинг қарашлари безовта, қўли қиличининг дастасида. У қизчани кўриб, бир оз хотиржам бўлди. — Бурсабо, намунча эрта турибсан. Жуда узоққа кетиб қолмадингми? Бурсабо Довудга яқинроқ келди, унинг юраги тўқмоқ овозидай дукиллаб урар эди. — Мен сув олгани келдим. — Йўғэ, сувга келмаган бўлсанг керак. — Нега? Довуд кулди: — Қўлингда кўзанг йўқ-ку. Бурсабонинг юзлари лоладай қизариб кетди. Довуд, суҳбат тугади, деб ўйлаб тескари ўгирилди. Шунда Бурсабо тезда ўзини қўлга олиб деди: — Довуд, мен бу ерга сиз билан гаплашиб олгани келдим. Довуд қиз томонга ўгирилиб, унга қаради. — Ота-онанг олдидан бунчалик узоққа кетиб қолмаслигинг керак. Бу хавфли. Чодирингга қайт. — Лекин… — Биласанми, бунчалик узокқа кетиб қолганингдан онанг хавотирланади. Онанг сени иккинчи марта қидиришига тўғри келиб қолса, албатта сен хурсанд бўлмайсан. Довуднинг эътирозидан руҳи тушган Бурсабо қияликдан тепага қараб югурди, кейин тошлар устига чиқиб қийинчилик билан пастга тушди. Қиз калтираб, қизиб турган юзларига совуқ кафтларини босди. Кейин нафасини ростлаб олди-да, пана жойдан туриб кузата бошлади. Довуд ҳали ҳам қўлларини белига қўйиб йўл устида турар эди. — Сен йўқлигингни билиб қолмасларидан олдин уйингга қайт! Бошқа рухсат сўрамай қароргоҳдан кетиб қолма! Бурсабо кўз ёшларини ичига ютиб, тепага тирмашди. Унинг кўз ёшларини ҳеч ким кўрмаганига ва ундан нима учун йиғлаганини сўрамасликларидан хурсанд бўлиб: «Ишқилиб, ота-онам ухлаб ётган бўлсин-да», дея умид қилиб чодири томон югурди. * * * «Филистлар Шоулга қарши жангга тайёргарлик кўряптилар экан», деган хабар келди. Бурсабонинг отаси билан бобоси қурол-аслаҳаларини тайёрлашди. Қизча онасига отаси билан бобоси учун майизли кулча ва қовурилган донларни тайёрлашига ёрдамлашди. Онаси, ҳар доимгидай, эркаклар кетишлари олдидан сукут сақларди. Бурсабо ҳам бобоси ва отасининг суҳбатларига қулоқ солиб жим юрарди. — Биз эртага йўлга чиқамиз, филистларга қўшиламиз, — деди бобоси. Довуд режасини эълон қилаётганда, Бурсабо ҳам эшитиб турган эди. У шуларни эслади. Довуднинг одамлари ўзларини худди филистларга ёрдам бераётгандек тутар эдилар. Ҳақиқатда эса улар филистларнинг қўшинини яксон қилиш учун Шоулга ёрдам бериш имкониятини кутадилар. — Албатта, Довуднинг таклифи шунчаки муғомбирлик эканлигидан улар шубҳаланиб қолишади, — деди отаси асабийлашиб. — Кейинги йилларда фақат Худонинг раҳм-шафқати сабабли бизни оссурияликлар билан омолеқлар ушлаб ололмадилар. — Биз босқинчиликни олдиндан яхши режалаштирар эдик, ҳеч кимни соғ қолдирмасдик ҳам. — Миш-миш тарқаляпти… — Довуд Шоулга ёрдам бермоқчи. Агар филистлар бизнинг ёрдамимиздан бош тортишса, биз Шоул учун ҳеч нарса қилолмаймиз. — Шоулнинг тақдири Худонинг қўлида, мен эса аёлларимизни ва болаларимизни умуман ҳимоясиз қолдиргим келмаяпти. Эртасига эрталаб қуёш кўтарилганда, отаси ва бобоси Довуд билан бирга қароргоҳни тарк этаётганларини Бурсабо кузатиб турар эди. Улар кўздан ғойиб бўлишлари билан онаси чодирга кириб, йиғлаб юборди. Бироқ дарров ўзини қўлга олди. У чодир соясига ўтириб, жун тита бошлади, Бурсабони эса, қўйларни ўтлатиб кел, деб жўнатди. Эркаклар кетгандан кейин бир кун ўтгач, Бурсабо сув олиб келаётган эди, бирдан дод-фарёд, чинқириқ овозларини эшитиб қолди. У мешни ташлади-ю, уйга қараб югурди. Уларнинг қароргоҳига омолеқлар бостириб келган эдилар. Аёллар йўл-йўлакай болаларини олиб, ҳар томонга қочишарди. Улар чўпонсиз, ҳимоясиз подага ўхшардилар, шунинг учун омолеқлар уларни тезда ўраб олдилар. Қандайдир бир эркак онасини оёғидан чалиб йиқитди, кейин бойлаб қўйишга ҳаракат қилаётган эди, Бурсабо буни кўриб қолди. Қизча қаттиқ қичқириб, ғазаб билан ўша эркакка ташланди. Жангчининг орқасидан сакраб, унинг юзини тирнаб, сочларидан торта бошлади. — Онамни қўйиб юбор! Қўйиб юбор!!! Эркак ваҳшийларча ўкириб, Бурсабонинг сочларидан ушлади-да, елкасидан улоқтирди. Қизча зарб билан ерга урилди. Энтикиб оғзи билан нафас олиб, қўлларини ерга тиради, оёққа турди. Лекин кимдир унинг бўйнига арқон солди. Бурсабо қайрилиб, қўллари билан арқонни ушладию оёғи билан эркакни тепди. Эркак оғир инг-раб, букчайиб қолди, ранги оқариб кетди. Дўстларидан бири жангчининг устидан кулиб бақирди: — Бу кана жуда катта шекилли, а, тинчитолмайсан-ов? Ғазаби қайнаб кетган омолеқ куч билан арқонни тортди. Бурсабо бўғила бошлади, қўлини кўтариб, куч билан силкита бошлади. — Агар яна бир марта шундай қилиқ кўрсатсанг, қийнаб ўлдираман! Омолеқ Бурсабони аёллар билан болалар тўдасига отди. Онаси йиғлаб, тезда қизининг бўйнидаги арқонни ечди, бағрига қаттиқ босди. — Бурсабо, вой, Бурсабо! Қизча қаттиқ йўталди. У жуда ҳам қийналганидан, ҳолсизланиб қолган, нафас олиши ҳам оғир эди. — Довуд, — хириллаб деди Бурсабо. Лекин онаси дарров қўли билан қизининг оғзини ёпдию «тисс» деди. Бурсабо ҳеч қачон онасининг кўзида бунчалик қўрқувни кўрмаган эди. Қоровул улар томонга ўгирилди. — Жим бўлинглар! Аёллар билан каттароқ болаларни боғлаб нарироқ олиб кетишди. Ёш болаларни эса қўлда кўтариб олиб кетишди. Асирлар ҳам, босқинчилар билан бирга, бир неча соат юришди. Аёллар билан болаларга сув бердилар, Аммо улар фақат оёқларини қимирлата олардилар, тушдаги жазирама тинкаларини қуритди. Улар қуёш бота бошлаганда тўхташди. Кўпчилик аёллар тамомила ҳолдан тойди, ҳатто шикоят қилишга ҳам ҳоллари йўқ эди. Ҳар бир асирга бир ҳовучдан қуритилган дон беришди. Бурсабо қизғанчиқлик билан ҳаммасини еб қўйди. Лекин аввалгидай қорни оч эди. Арқондан унинг бўйнида кўкарган излар қолди. Қийналиб ютинар, вужуди оғрир эди. Чанг, тошли йўлда узоқ юрганларидан кейин, оёқлари баттар зирилларди. Бутун бадани қақшайди. Осмонда ой ва юлдузлар пайдо бўлди, дарров ҳаво совий бошлади. Бурсабо йиғлаб юборди, онаси эса уни иситиш учун бағрига босди. — Ойи, қўрқиб кетяпман, — пичирлаб деди Бурсабо. Онаси юзига тушган қуёшдан куйиб кетган сочларини йиғиштирди. — Йиғлаш бефойда. Бизни олдинда кутаётган ҳодисаларга тайёр бўлишимиз учун кучларимизни асрашимиз керак. — Довуд бизни қидиради, а, ойи? — Отанг билан Довуд тезроқ қайтиши учун ибодат қиламиз. У қизини янада қаттиқроқ бағрига босди. Бурсабо онасининг титраётганини сезиб турар, шунинг учун бошқа ҳеч нима ҳақида сўрамади. — Ибодат қил, қизим. Яхшилаб ибодат қил. Бурсабо ҳам ибодат қиларди. «Довуд, оҳ Довуд! Кел, бизни топ! Кел, бизни қутқар». Омолеқлар аёлларни шошилтиришарди. Улар, тезроқ бу аёлларни қул қилиб сотсак, деб ўйлардилар. Кундузи йўл юриб чарчаган аёллар ва болалар кечга бориб оёқларида тура олмай қолдилар. Босқинчиларнинг қўритишлари ҳам таъсир қилмай қолди, тинкалари жуда қуриган эди. Учинчи кеча уларни бойламай қолдиришди, эркаклар гулхан атрофида ўтириб шароб ичишар, хурсандчилик қилишарди. Асирларни ҳеч ким қўриқламаётган эди. Кўп йўл юрганларидан кейин бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Учинчи куни қуёш кўтарилиб ботгандан кейин, заррача умид қолмади. * * * Бурсабо шовқиндан уйғониб кетди. Атрофдагиларнинг ҳаммаси бақирар эди. Қўрқиб кетган, ўзини йўқотиб қўйган Бурсабо туришга ҳаракат қилди, лекин онаси уни пастга босди. — Жим ёт! — деб қизига бақирди. Уларнинг олдида турган омолеқ қиличига қўл чўзди. Онаси Бурсабони ундан нарироққа судраб кетди. Бирдан ҳалиги эркак ўкириб орқасига йиқилди. Бир неча сонияда ичида унинг қўлини чопиб ташлашди, кейин бошини. Бурсабо жасад устидан сакраб олдинга ташланаётган жангчига қараб қотиб қолди! Уриё! Отасининг дўсти! Уриё жанговар ҳайқириқ билан душманни енгди. Агар Уриё шу ерда бўлса, албатта, отаси билан бобоси ҳам шу ерда. — Ота! — бақириб юборди Бурсабо. — Ота! Омолеқлар орқага чекиниб, қочишга ҳаракат қилишди. Лекин қасос ҳис-туйғуси билан ҳаракат қилаётган асирларнинг оталари, эрлари, ака-укалари омлоеқларни аёвсиз ўлдиришар эди. Унинг бўйнига арқон ташлаган омолеқни хетлик Аттай елкасидан белигача чопиб ташлаганини Бурсабо кўриб турди. Бақир-чақир жуда ваҳимали эди. Исроилликлар ғазабдан, омолеқлар эса қўрқувдан бақиришарди. Бурсабо қунишиб, онасининг олдида ўтирар эди. Қиличларнинг жаранг-журунги осмону фалакни тутиб кетди. Бирдан ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Жанг қандай тез бошланган бўлса, шундай тез тугади. Ҳамма ёқда қонга беланган, ҳатто қарашга ҳам қўрқинчли омолеқларнинг жасади қароргоҳнинг ҳамма томонида ётарди. Бироқ қуролларидан қон томиб, эгни-боши кир-чир, йиртиқ кийимда турган эркакларнинг кўриниши ҳам улардан қолишмас эди. Бурсабо Довуднинг бақирганини эшитди: — Ахиноям, Обигайл! Бошқалар ҳам хотинларини, болаларини чақирардилар. — Бу ердаман! Мен бу ердаман! — деган эркакларнинг овозлари эшитилар эди. Ҳамма изтиробда эди. — Элиёб! — ҳаяжонланиб бақирди Бурсабонинг онаси. Онаси қизини қўйиб юбориб, эрининг қучоғига ўзини ташлади-да, бошини эрининг кўкрагига қўйиб йиғлаб юборди. — Бурсабо, — бўғиқ овоз билан чақирди отаси, кейин қизига қўлини чўзди. Лекин Бурсабо отасига томон бир қадам ҳам боса олмади: отасининг ҳамма ёғи қонга беланган эди. Отасининг кўзлари ёнар эди, у Бурсабога бегона кишидай кўринди. — Қизгинам, ёнимга кел, — деди ҳамон ҳансираётган отаси мулойимлик билан. — Ёнимга кел. Мен сени хафа қилмайман энди. Қизча атрофга қаради, шиддатли урушнинг қолдиқларини кўрди. Энди уни титроқ босди. Кутилмаганда Ахитофел пайдо бўлди, у неварасини қўлларига олиб, бағрига босди. — Гулим, сен озод бўлдинг. Бобосининг елкаси оша Бурсабо қараса, Довуд Обигайл ва Ахиноям билан гаплашаётган экан. Бобоси Бурсабони ерга қўйди, Довуд қаёққа кетганини Бурсабо кўрмай колди. Ахитофел қизчани ёнида ушлаб турар экан, унинг елкаларига қўлини қўйди. — Уруш болалар учун ҳамма нарсадан ҳам қўрқинчли, — деди у қовоғини солиб. — Сен бизни қидириб топасан, деб умид қилмай қўйган эдим, — деди ҳали ҳам эрини қучоқлаб энтикаётган онаси. — Ҳа, айтгандай, Элиёб, сен қизинг билан фахрлансанг бўлади. Омолеқлар уларни асирга олган кундан бошлаб юз берган воқеаларни оқизмай-томизмай хотин эрига айтиб берди. Бурсабо тинчланишга ҳаракат қилди, лекин кўз олдидан ўша қонли манзара кетмас эди. У ҳали ҳам титрар, лекин титроғини ҳеч ҳам босолмасди. Отаси Довуд билан қароргоҳни тарк этганда, онаси нега йиғлаганини Бурсабо энди тушунди. — Филистлар бизнинг ёрдамимизни рад қилдилар, — деди отаси. — Агар бу ҳодиса содир бўлмаганда, биз сизларга етиб олмаган бўлар эдик. Онаси хўрсинди. — Шоулга нима бўлди? — деб сўради Бурсабонинг онаси. — Ягона қилиш мумкин бўлган нарса — унга ҳеч нима қилмасликдир. Қароргоҳга қайтишда айрим эркаклар омолеқларнинг қароргоҳида қўлга киритган ўлжаларини тақсимлаш борасида тортишардилар. Улар дарёдан кечиб ўтиб, омолеқлар билан жанг қилишни хоҳламаганлар билан ўлжаларни бўлишишга рози эмас эдилар. Довуд, қўлга киритилган ўлжалар ҳаммага тенг тақсимлансин, Исроил шаҳарларининг оқсоқолларига совғалар юборилсин, деб буюрди. Халқ ҳеч қандай қаршиликсиз рози бўлди. * * * Довуднинг қароргоҳига бир омолеқ келиб, исроилликлар мағлуб бўлди, деб хабар берди. Ўша хабарчи Довудга гапираётганда, Шоул ва унинг ўғли Йўнатан Гилбоя тоғида ўлдирилганини эшитди. Уларнинг жасадлари Байт Шанга осиб қўйилган, Шоулнинг қуроллари эса худо Аштаретнинг ибодатхонасига қўйилган экан. Хабарчи Довудга яқинлашиб унга қўлини узатганда, шу ерда туриб содир бўлаётган воқеаларни кузатаётган Довуднинг одамлари орасида но-розилик овозлари эшитилди. Омолеқ хурсандчилик ва тантана билан кулди — у Шоулнинг шоҳлик тожини Довудга узатди. Довуд унга қарадию ғазабдан титраб кетди. Довуд бу қадар ғазабланганидан Бурсабо ҳайрон эди. Довуд тожни олди. — Нега Шоул билан Йўнатаннинг ҳалок бўлганига бунчалик амин бўляпсан? — деб сўради у. Омолеқнинг кўзлари чақнаб кетди. У Довуднинг гап оҳангида ваҳимали бир нимани сезди, шекилли. — Мен Гилбоя тоғига борган эдим, — деб жавоб берди у. — Қарасам, Шоул ўзининг найзасига йиқилиб тушган экан, душманнинг араваси эса унга етиб олибди. У ўгирилиб, мени кўриб қолди, «Яқинроқ кел», деб илтимос қилди. Мен: «Сизга қандай ёрдам беришим мумкин?» деб сўрадим. У: «Сен кимсан?» деб мендан сўради. Мен: «омолеқман», деб жавоб бердим. У менга шундай буйруқ берди: «Яқинроқ кел, мени азоблардан қутқар. Куним битганга ўхшайди, мен ўлишни хоҳлаяпман». Мен бир найза уриб, уни ўлдирдим, — дед омолеқ Довудга. — У тирик қолмаслигини мен тушунган эдим. Кейин мен унинг тожини, билагузукларидан биттасини олдим. Мана, сизга олиб келдим, ҳазратим. Ҳатто Бурсабо ҳам узоқроқдан туриб, Довуднинг ранги оқариб кетганини кўрди. — Сен Худонинг муқаддас ёғ суртилган шоҳини ўлдиришга қўрқмадингми? — деб ҳайқирди Довуд. Омолеқ ундан ўзини четга олди. Довуд одамларидан бирига буюрди: — Ўлдир уни! Жангчи қиличини омолеқнинг қорнига тиқди. — Шоҳимизнинг қони сенинг гарданингда! — деди Довуд қиличдан шикаст топган омолеққа. — Сен ўзинг Парвардигорнинг муқаддас ёғ суртилган шоҳини ўлдиришга гувоҳ бўлган эдинг. Довуд омолеқнинг қорнидан қилични ўзи суғуриб олди. Хабарчи ерга гупиллаб қулади. Йиғилган одамлар ўзига қараб турганини Довуд сезди, шекилли, ўзига сўзсиз, диққат билан қараб турган эркаклар, аёллар, болаларни кузатиб чиқди. Бурсабо Довудни нима қийнаётганини билишни, унинг қайғусига шерик бўлишни хоҳлар эди. Довуд ҳис-туйғуларини ушлаб туролмасдан, ҳайқирди: — Оҳ, Исроил! Сенинг дуру гавҳаринг тепаликларингда тор-мор бўлди! Худди кучли аланга каби ёниб тамом бўлди! Оҳ шоҳ Шоул! — у ўкириб йиғлаб юборди, қилични ерга ташлаб, қўллари билан бошини чангаллади. — О, Йўнатан, жигарим Йўнатан, азиз дўстим! Бутун қароргоҳ Довуднинг қайғусига шерик бўлди: Шоҳ Шоулнинг ўлими, Довуднинг энг яқин дўсти Йўнатан учун Довуд билан бирга аза тутди. Худо Шоул билан бирга бўлган ва Худога хизмат қилган яхши даврларни эслаб Довуд марҳумлар ҳақида қўшиқ куйлади. Аза муддати тугагандан кейин, Довуд Худога ибодат қилди, кейин жангчилари билан Хевронга кетди. * * * Бурсабо Хевронда Довуд билан Михайнинг тўйида бўлган эди. Ўтган йиллар мобайнида Довуд Ахиноям, Обигайл ва Эгла исмли қизларга уйланганини Бурсабо кўрди. Бурсабонинг эшитишига қараганда, Довуд ҳар бир никоҳ билан бирга муҳим шартномани тузар экан. Унга иттифоқдошлар жуда зарур эди, чунки Шоул ўлган бўлса ҳам, унинг авлоди Довудга қарши уруш олиб борарди. Бурсабо Ахитофелнинг: «Довуд чиройли аёлларни севади», деган гапини кўп эшитган эди. Ахиноям унга Амнонни, Обигайл — Далуйни, Михай эса Абусаломни ҳадя этди. Шоулнинг ўғли Ёшафатнинг лашкарбошиси Абинурдан элчилар келиб ярашиш ҳақида битим тузишни таклиф қилишди. Бурсабонинг бобоси Довудга, эҳтиёт бўл, Абинурнинг самимийлиги чинакамми ёки сохтами, синаб кўр, деб маслаҳат берди. Шунинг учун Довуд элчиларга айтди: «Абинурга шуни етказинглар, агар у менинг биринчи хотиним Мелхолани — Шоулнинг қизини қайтариб берса, у билан шартнома тузаман», деб айтди. — Довуд Мелхолани жуда севса керак, — деди Бурсабо Довуднинг бу шарти ҳақида эшитгандан кейин. Бурсабо ҳатто вояга етгандан кейин ҳам Довудга ички ҳис-туйғусиз қарай олмасди. Бироқ у болалигидагидан ҳам кўра янада кўпроқ фикрлайдиган бўлиб қолди. Бурсабо орзусидаги одам билан оила қуришни эсидан чиқарди. Онаси бошини чайқади. — Севги бу ерда ҳеч гап эмас. Довудга қонун бўйича тегишли бўлган нарсаси қайтариб берилиши керак. У Мелхолани уйига олиб келади, лекин у ҳеч қачон фарзанд кўрмайди. — Довуднинг ҳамма хотинлари унга фарзандлар туғиб берди. Унисида ҳам фарзанд бўлади. — Бобонг Довудга буни маслаҳат бермайди. Мелхола бевафолик қилиб гуноҳ қилган. Бир неча йил илгари, ҳали сен бола эканингда, шоҳ Шоул уни бошқасига бериб юборди. Бундан ташқари, Довуд Шоулнинг хонадонини мустаҳкамлаш учун фарзанд кўриши керакми? Бу ҳеч қачон бўлмайди! Довуд бобонгнинг маслаҳатига қулоқ солади. У Мелхолани моддий тарафдан таъминлайди, ҳимоя қилади, лекин ҳеч қачон унга яқинлашмайди. Бурсабо Мелхолага ачиниб кетди. — Довуд Мелхолани ўша одамда қолдирса яхши бўлар эди. Довуднинг хотинлари биттага камайган бўларди, гўзаллари ҳам биттага камаярди. — Балки, — секингина деди онаси. — Эшитишимча, ўша одам Мелхоланинг кетидан анча дод-фарёд қилиб йиғлаб юрган экан. Абинур ўша одамни ҳайдаб юборишига тўғри келди. Лекин Довуд — шоҳ. У оддий одам эмас. — Агар шоҳ бўлмаганда ҳам, ҳеч ким уни оддий одам деб айтмас эди. Онаси қизига жиддий тикилди. Бурсабо онасига қараб жилмайди. — Ойижон, хавотир олманг. Мен оддий жангчининг қизи эканлигимни биламан. Онасининг кўз олдида нимадир ялт этгандай бўлди. Бурсабо онасига ўгирилиб, сўради: — Агар Довуд Мелхоладан ҳеч қачон фарзанд кўрмаса, нега унда хотинининг қайтишини Довуд жуда ҳам хоҳлайди? — У ўз кучини кўрсатиши керак. Ўз хотинларини маҳкам ушлай олмайдиган шоҳ ҳукмронликни ҳам ушлаб туролмайди. Довуд кучли инсон эканлигини Бурсабо яхши биларди. Агар бирон нарсага унинг кучи етмаса, Худо унга ёрдам беради. Бурсабо отасининг чодирига қаради. — Сиз, Мелхола Довудни севади, деб ўйлайсизми? — Қачонлардир севган эди. У Довуднинг ҳаётини ҳам сақлаб қолган. Лекин бу анча илгари содир бўлган эди. — Мен эса, Довуд хотинини ҳали ҳам севади, деб ўйламайман. Умуман, Довуд бирорта аёлни чин кўнгилдан севмайди, деб ўйлайман. — О, жоним қоқиндиқ-эй, — оғир хўрсиниб деди онаси, — аёл киши битта хотинни олишга қурби етадиган камбағални севгани яхшироқ. Бурсабонинг томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. Онаси қизига яқинлашиб, унинг ёнига ўтиргунча кўз ёшларини артиб олди. — Бир ой олдин сен катта қиз бўлиб қолдинг. Мен отанг билан гаплашдим. Кимдир отангдан сени сўратибди, отанг менга айтди. Қизнинг юраги ҳаяжондан дукирлаб кетди: — Ким? Онаси жилмайди. — Яхши одам. Кучли экан. — Ким экан у? — Ҳаммаси ҳал бўлмагунча мен сенга айтмоқчи эмас эдим. Лекин ҳаммаси амалга ошгандан кейин, эринг бўлади, сен уни ҳурмат қиладиган бўласан. — Ҳурмат қилааман, лекин севмайман. — Вақт ўтиши билан севиб ҳам қоласан, агар унга юрагингдан жой берсанг. * * * Бурсабонинг отаси билан бобоси Уриёдан совғаларни қабул қилиб олишди, кейин ҳаммасини келишиб олишди. Онаси қизига тасалли бериб, уни хотиржам қилиш учун нега айнан шу йигитни танлашганини тушунтирмоқчи бўлди. Бир кун Уриё жанг майдонида отасини қутқариб қолган экан. У Довуднинг ўттизта танланган жангчиларидан бири эди. Уриё ўзининг довюраклигини, садоқатини кўрсатди. Уриё Довудни ҳимоя қилиш учун довюраклик билан қизиб турган жанг ичига отилганини Ахитофел кўрган эди. Уриёни ҳамма ҳурмат қилар, у билан ҳамма ғурурланарди, бундан ташқари, у подшоҳнинг яқин дўсти эди. Бундай эркак Бурсабони, ўзларининг бўлажак фарзандларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қурби етар эди. — Бурсабо, у иродали, садоқатли йигит. Уриё мол-мулкини ақл билан сарфлайди. Уриё бошқалардан фарқ қилиб филистлар ва омолеқлар билан бўлган урушда қўлга киритган ўлжасини сақлаб қўйган экан. — Лекин унинг ёши мендан анча катта-ку! Онаси қизининг кўзларига тикилди. — У Довуддан бир ёш катта, холос. Бурсабо аранг курсига ўтирди, қўллари билан юзини ёпди-да, ҳимоясиз, ночор эканлигини ҳис қилиб йиғлаб юборди. У ёш бўлса ҳам, аёл киши эди, у ҳеч қандай овозга эга эмасди. Кимга турмушга чиқишни аслида ўзи ҳал қилмаган. Довуд осмондаги юлдузлар каби қўл етмас даражада эканлигини Бурсабо биларди. У шунчаки орзуларни эркалайдиган ақлсиз қизча эди, холос. Лекин буларни йўқотиш қанчалик оғир. Бир неча йил олдин Худо Довудга Шомуил орқали муқаддас ёғ суртиб танлаб, шоҳ қилган эди. «Довуднинг хотини бўлишга ёки ҳеч бўлмаганда жазмани бўлишга лойиқман», деб ўйлаш учун Бурсабо ким бўлибди? Шоҳни севиш қандай бахтсизлик! — Агар оддий чўпон бўлганда эди… Онаси оёқлари билан тепинди. — Бемаъни сўзларни бас қил! Қизим худбинлардай тутишини хоҳламайман! Довуд оддий чўпон бўлмагани учун Худога шукр айтишинг керак! Агар Довуд отасининг яйлови ва подасини ташлаб келмаганда, ҳозир ҳаммамизнинг ҳаётимиз қандай кечар эди? Агар шоҳнинг қизи бўлиб, Довудга лойиқ хотин бўлганингда ҳам, бундан нима фойда?! Кундан-кунга хотинлару жазманлар-ни кўпайтираверса, сен бунга чидаб ўтирармидинг? Шоҳ кучли хонадон барпо қилиши, салтанатини сақлаши лозим. Довудга ишонаётган халқ ҳақи-ҳурмати, сен орзу-истакларингни унутишингга тўғри келган бўларди, — дея онаси Бурсабони қаттиқ бағрига босди. — Отанг сен учун жуда ажойиб турмуш ўртоғини танлади. Уриё — меҳрибон, қўли очиқ одам, сен унинг ягона хотини бўласан. Довуд бир марта ҳам сенга қиё боқмади-ку! Уриё бўлса сенга худди қимматбаҳо дур каби қарайди. У сени асраб-авайлайди. Бурсабонинг виждони қийналарди ва буни ўзи ҳам ҳис қилиб турарди. — Ойижон, менинг Уриёга қаршилигим йўқ. Мен фақат… Унинг юзларидан дувиллаб кўз ёшлари оқди. У баҳслашишни давом эттириш бефойда эканлигини биларди. У иложи йўқ нарсани тўхтата олармиди?! Онаси бирдан қўлларини ёйди-да, нари кетди. — Уриё сени телбаларча севиб қолганини ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Агар сен унга имконият берсанг, вақт ўтиши билан ўзинг ҳам уни севиб қолишинг мумкин, — онаси ўгирилиб қизига қаради. — Ҳозирча сен эрингга ҳурмат кўрсатиб, унга вафодор бўласан. Агар шундай қилмасанг, мен ўзим сени хивчин билан савалайман! Бурсабо бошини кўтарди. — Ойижон, мен Уриёга турмушга чиқаман, уни ҳурмат қиламан, унга вафодор бўламан. Лекин юракка, севгин, деб буюриб бўлмайди. Эсини таниганидан бери унинг юраги, кўнгли Довудга боғланган. Бошқалар ундан нимани талаб қилишмасин, ҳеч нима ўзгармаслигини билар эди. * * * Бурсабо: «Бизнинг тўйимизга Довуд келади» деб кутмаган эди. Ҳарир парда ортида Довудни кўрганда, Бурсабо турмушга чиқаёт-гани учун эмас, балки дўстини — унинг турмуш ўртоғини табриклаган келганини билиб, аламдан йиғлаб юборишига сал қолди. Никоҳ маросими муносабати билан Уриё шоҳлардай кийиниб олган эди. Бурсабонинг турмуш ўртоғи қимматбаҳо кийим кийиб олганига қарамай, эгнига оддий чопон, оёғига чарм шиппак кийиб олган одам Бурсабонинг қалбидан ўрин олган эди. Довуд маросимда иштирок этаётган эркакларнинг ҳаммасини ортда қолдирарди! Довуд Уриёнинг бошига никоҳ тожини кийдирса ҳам, у барибир шоҳга тенг келолмас эди. Довуднинг олийжаноб ташқи кўриниши унинг жамиятда эгаллаб турган ўрнини ҳам билдирарди. Ҳеч ким унчалик чиройли, хушқомат эмас эди. Ҳеч ким куйлашда, рақсга тушишда Довудга тенг келолмасди. Ҳеч ким Довудчалик катта ҳукмронликка эга эмас, ҳеч кимда бунчалик мулойим ва тавозели юрак йўқ эди. Довуд ўзига нисбатан бошқача муносабатни талаб қилмас ҳам эди. Аммо ҳамма уни яхши кўрар, ҳурмат қилар эди. Худо уни ҳамма томондан марҳаматлади. Тўй зиёфати давом этар, Бурсабо эса содир бўлаётган ҳамма нарсага бефарқ эди. Уриё Довуд келганидан мамнунлигини билдириш учун Бурсабонинг бир ўзини қолдирди. Бурсабо бир оз енгиллашди. Довуд билан Уриё кулишар, битта идишдан шароб ичишар эди. Бурсабо эса тепада ўтириб икковини кузатарди. Айнан Довуднинг ўзи Уриёни яна Бурсабонинг ёнига жўнатди. Уриё шоҳдан қадаҳни қабул қилаётиб, шоҳнинг қўлига тегиб кетди, унинг кўзларида ҳайратни кўрди. Наҳотки, Довуд уни қўпол деб ўйлаган бўлса? — Уриё, Парвардигор сенинг хонадонингни кўп болалар билан марҳаматласин! — Довуд, тилагимни ҳамма эшитсин, деб баланд овозда айтди. Довуд қадаҳни баланд кўтарди. Бурсабо қўрқа-писа шоҳ томонга қаради. Шу пайт уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Бурсабо бир неча сония Довуднинг ўзига нисбатан муносабатини ўзгаргандек туйди. Бурсабо қизариб кетди. — Тилагим шуки, — давом этди шоҳ, — сенинг ҳамма ўғил- қизларинг турмуш ўртоғингга ўхшасин. Шоҳ шаробни оз-оздан хўплаб, Бурсабога қараб қўярди. Бирдан кўз олдида аллақандай қоронғулик пайдо бўлди — Бурсабо уялиб кетди. Атрофдагилар кулиб юборишди, уларга қўшилиб Уриё ҳам кулди. Довуд кўзини қисиб, Уриёнинг елкасига уриб қўйди-да, унга нимадир деб кулди. Лекин шовқиндан Бурсабо шоҳнинг сўзларини эшита олмади. Уриё жавоб ўрнига Довудга бошини силкитди ва келин томонга қаради, куёвнинг кўзлари чақнар эди. Довуднинг нигоҳи яна Бурсабонинг нигоҳи билан тўқнашди. Ҳаяжондан Бурсабонинг вужуди титраб кетди. Бу қўрқинчли, аммо лаззатли онлар эди. Уриё Бурсабога қараганда, Бурсабо ҳеч ҳам ҳаяжонланмас эди. Лекин Довуднинг нигоҳи қизни қизаришга сабаб бўлди, унинг юраги тез-тез уриб кетди. Бурсабонинг ҳис-туйғулари жунбушга келди, кўзларини ерга туширди. Довуд унинг ҳаяжонини сездими ёки йўқми — билмоқчи бўлиб, астагина унга қаради. Бурсабонинг вужуди титрар эди. Бурсабо аллақандай қўрқув ичра онасига қаради. Лекин у бепарво бошқа аёллар билан қўшиқ айтиб рақсга тушарди. Отаси ва бобоси эса бошқа эркаклар билан хурсандчилик қилишар эди. Бурсабо қўрқа-писа бошини Довуд томонга бурди, яна нигоҳлар тўқнашди. У чуқур ҳаяжон ичида эди, чунки Бурсабо бу нигоҳнинг маъносини тушунган эди. Уни қайғу қамраб олди. Нега сен энди менга аёл кишига қарагандай қараяпсан? Жуда кеч бўлди-ку! Нега менинг ўзгарганимни бир ой олдин сезмадинг? Уриё келиб баландга — келиннинг ёнига ўтирди. У Бурсабонинг қўлини олиб ўпди. Уриёнинг кўзлари ғурурдан, кўп ичилган шаробдан порлар эди. — Мен эркаклар орасида марҳаматга сазовор бўлганман, — мужмал оҳангда гапирди у. — Менинг шундай чиройли хотиним борлигига шоҳ ҳам, бошқа йигитлар ҳам ҳавас билан қарашяпти. Куёвнинг нигоҳидан уялиб кетган Бурсабо, жавоб бериш ўрнига кулиб қўя қолди. Тўй зиёфати ҳамон давом этарди, лекин Бурсабо чарчади: у мут-тасил ҳаяжонда ўтиргани учун, диққати ошди. Ўзини кулишга мажбур қилаверганидан юзлари оғрирди. Ичи дард-аламга тўла эканини яшириб ўтирар, ўзини хурсанд тутарди. Довуд унга яна икки марта қаради. Бурсабо ҳам кўз ёшлари билан курашиб, Довуднинг нигоҳларига икки марта жавоб қайтарди. Яхши иш қилмаганини, хатосини тушунган Довуд ҳар сафар кўзларини четга олиб қочди. Бундан эса Бурсабо баттар азоб чекарди. О, Довуд, Довуд, мен қандай бахтсиз аёлман-а! Мен сени севаман! Мен ҳар доим сени севаман. Мен Эн-кайдига борадиган йўлда сенинг олдингга ибодат қилишингни кўриш учун келганимни эслайсанми? Мен ўшанда ёш бола эдим, лекин севги менга маҳкам ёпишиб олган эди. Ўша севги шу кунгача мени қўйиб юбормаяпти. Ҳеч нарса менинг севгимни ўлдиролмайди. Аллақачон сенга юрагимни бериб қўйган эдим, энди эса ўзим сева олмайдиган инсонга турмушга чиқяпман! Довуд кетганда, Бурсабо хурсанд бўлди. * * * Уриё филистлар, омолеқлар ва Шоул билан бўлган урушларда чиниққан жангчи эди. Бурсабо эса эрининг бунчалик раҳмдил, меҳрибон эканлигидан ҳайрон эди. — Бурсабо, мен аёллар ҳақида ҳеч нарса билмайман, — деди у хотинига очиқчасига. — Бутун умримни Довуд тарафида туриб урушда, урушга тайёргарликда ўтказдим. Менинг ҳаётим бундан кейин ҳам ўзгармайди. Мен ҳар доим Довудга содиқ қолишимни сен билиб қўйишинг керак. Чунки у Худо танлаб олган банда. Лекин сенга меҳрибон бўлишга сўз бераман. Агар менга бирор кор-ҳол юз берса, сенинг овқатинг, бошпананг бўлади. Тез-тез қилич ушлашга тўри келган қўлида қадоғи кўп эди, Бурсабо эрининг қўлларини ушлаб кўрганда, чўчиб тушди. — Илтимос, жонгинам, йиғлама. Бурсабо Уриёга арзийдиган севги ўзида қолмагани учун йиғлаётган эди. * * * Орадан бир ой ўтди. Бурсабо Довуд ҳақидаги орзуларини эсидан чиқарди. Энди у оилали аёлнинг мажбуриятларини виждонан бажарар эди. У сув ташийди, овқат пиширади, жун тозалаб титади, эри учун кийим тикади. Эрининг ҳаёти тинч, кўнгилдагидек бўлиши учун қўлидан келганини қилади. Бурсабо эрини ҳурмат қилса ҳам, ҳамон уни севиб қолишга барибир ўзини мажбурлай олмас эди. Уриё кўп вақтини бошқа довюрак жангчилар билан ўтказади. У Довуднинг аскарларига таълим беради, лашкарбошилар билан мас-лаҳатлашади, гаплашади, ярим кечагача бир нималарни режалаштиради. Баъзида у дўстларини уйга таклиф қилади. Бурсабо уйга келган меҳмонларга хизмат қилаётганда, меҳмонлар Бурсабонинг юзини кўрмасин, деб Уриё хотинига юзини ёпиб юришни буюрар эди. Шунингдек, кўчага чиққанда ҳам юзини беркитишни талаб қилади. — Довуднинг жангчилари орасида аёлларга ҳурматсизлик билан муомала қиладиган қўпол эркаклар ҳам бор, — Уриё шундай дея хотинига ўзининг талабини изоҳлаб беради. — Уриё, мен бир умр шундай эркаклар билан мулоқотда бўлдим. Илгари ҳеч ким мени хафа қилмаган эди, — норозилигини билдиради Бурсабо. — Илгари сен бола эдинг. Энди эса ёш, чиройли аёлсан. Бундан ташқари, сен менинг хотинимсан. Менинг айтганимни қилишинг керак, — Уриё Бурсабонинг иягидан тутиб, ўзига қаратди. — Бехатар бўлган яхшироқ. Уриё ва бошқа жангчилар Бурсабонинг уйида еб-ичишаётганда, кўп гаплашишади. Ана шу суҳбат чоғида Бурсабо уларнинг гапларига қулоқ солиб, Канъонда нималар содир бўлаётганини билиб олади. Довуднинг лашкарбошиси Йўаб қасддан бир одамни ўлди-риб қўйганини Бурсабо тезда билиб олди. Довуд Йўабдан қаттиқ ғазабланибди, ўша марҳумга мотам тутибди — буларнинг ҳаммасини Бурсабо ўз қулоғи билан эшитди. Йўабни ўша қилмиши учун Довуд ҳамманинг олдида муҳокама қилганини Бурсабо ҳам кўрган эди. Бурсабо Довуд учун хавотирланган эди, чунки Йўаб кучли, мағрур одам эди. Нега Довуд яна уни лашкарига бошлиқ қилиб қолдирди экан? Довудни ҳеч нимада айблаб бўлмас эди. Лекин баъзи янгиликлар Бурсабонинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Исроил тахтининг меросхўри, Шоулнинг ўғли Ёшафат ўлдирилди. Бу хабарни олиб келган одамлар: «Довуд рақиби йўқ бўлганини эшитиб хурсанд бўлади», деб ўйлашган эди. Энди бутун Исроил устидан ҳукмдорликка, шоҳ тахтига йўл очиқ! Хабарчилар ҳатто ўзлари қилган ифлос ишнинг исботи сифатида жасаднинг калласини ҳам келтиришди. Довуд эса уларни рағбатлантириш ўрнига жазолади. Довуд: «Бу одамларнинг оёқ-қўлини чопиб ташланглар, таналарини Хеврондаги ҳовуз тепасига осиб қўйинглар!» деб буюрди. Уриёникига келиб турадиган эркакларнинг кўпчилиги кучли, тинч ҳаётдан кўра урушда ўзларини яхши ҳис қиларди. Бурсабонинг уйида доимо Довудга қарши уйдирмалар ҳақида гап кетади. Нега дунёда шунчалик золимлар кўп экан? Гарчи Довуд муқаддас ёғ суртилиб шоҳ қилиб танланган бўлса ҳам, золимлар Шоул ва Ёшафат каби ўлдирмоқчи бўлмасмиканлар? Бурсабо тез-тез онасининг гапини ўйлар эди: «Шоҳлар ҳаёти ҳеч қачон енгил ўтмайди… Ундан кўра оддий одамни севган яхшироқ…» Жангчининг хотини бўлиш осон эмас, чунки у ёки бу жанг ҳақида эшитасан, фарзандсиз бева бўлиб қоласанми ёки йўқми, билмайсан. — Мен ҳам ҳар куни отангни йўқотиб қўйишдан қўрқаман, — қудуқ олдида гаплашишганда онаси Бурсабога қўшилар эди. Агар Уриё ҳозир ўлиб қолса, унинг оиласи аҳволи нима кечади? Бурсабонинг фарзанди ҳали йўқ, лекин эр-хотин буни хоҳламагани учун эмас. «Эримнинг мендан кўнгли совиб қолмадимикин», деб ўзидан ўзи сўрар эди. Лекин шундай бўлган тақдирда, Бурсабо буни сезган бўларди. Оила қуришганига икки йил бўлди. Уриё ҳали ҳам аввалгидай меҳрибон эди. Хевронда ҳамма Исроил қабилалари йиғилишди. Улар Довуднинг олдига йиғилиб келиб, уни Худонинг муқаддас ёғ суртилгани, деб эълон қилишди. — Биз ҳаммамиз — сенинг бўғинингмиз, — деди Довудга бутун халқ олдида руҳоний. — Шоул давридаёқ сен Исроилнинг ҳақиқий ёғ суртилган ҳукмдори эдинг. Эгамиз сенга: «Исроилни — менинг халқимни сен бошқарасан, Сен Исроилнинг бошқарувчиси бўласан», деган эди. Довуд халқ билан аҳд қилганда ва салтанатга шоҳ бўлганда, бошқалар билан бу маросимни кузатиб турган Бурсабо ўзида ғурур туйди. Довуд бор-йўғи ўттиз ёшда. Бироқ катта ёшдагилар ҳам унга таъзим қилишди. Уриё Довуднинг қўриқчиларидан бири бўлиб, унинг ёнида турарди. У қўлини осмонга кўтариб ҳаяжон билан ҳайқирар эди. Довуд жангчиларини урушга олиб кетди. Уриё ҳам лашкар билан бирга кетди. * * * Бурсабо ҳам, бошқа аёллар каби, Сион учун бораётган курашдан хабардор бўлиб турар, янгиликларни сабрсизлик билан кутарди. Ниҳоят, урушнинг тугагани ҳақидаги хабарни эшитганда, бошқалар билан бирга хурсандлигидан бақириб юборди. — Улар Қуддусни қўлга киритишди! Лекин на Довуд, на Уриё Хевронга келди. Бунинг ўрнига улар қўлга киритилган қўрғонга оилаларини олиб келиш учун қўшинларини жўнатишди. Довуд шаҳри Сион атрофида мудофаа истеҳкомларини қуриш ишлари бошланиб кетди. Қўрғоннинг деворлари кўтарилди. Тир шоҳи Хиром садр ёғочларини, Довуднинг саройини қуриш учун дурадгор ва тош йўнувчиларини жўнатди. Уриё ўзига сарой олдидаги тошдан қурилган уйни олди. Бироқ тинчлик узоққа чўзилмади. Филистлар Довудга қарши қўшин тўплаб, Рефаим водийсини бутунлай эгаллаб олди. Уриё яна урушга сафарбар қилинди. Бу сафар Бурсабо йиғлади, чунки энди у эридан хавотир олаётган эди. Лекин эрининг сўзлари Бурсабога тасалли бера олмади. Ахир, Уриёнинг наслини давом эттирадиган, қарилик чоғида ғамхўрлик қиладиган ўғли йўқ эди-да. «Филистлар Бал-Пиризим ёнида енгилибди», деган хабар етиб келди. Уриё уйга ўзи билан бирга бутлар олиб қайтди. Бурсабо эса бундан норози бўлди. Бир ёстиққа бош қўйганларидан буён биринчи марта эри билан баҳслашишга журъат қилди. Лекин Худога бутлар ёқмаслигини Бурсабо билар эди. — Наҳотки, уйимизга шу жирканч нарсани олиб келганим Парвардигорга хуш келади, деб ўйлайсан?! — Э қўйсанг-чи, бу нарса ҳеч нарсани билдирмайди. Жанг май-донидан олиб келган бор-йўқ ўлжамиз шу, холос. Бу бизнинг ғалабамиздан нишона, бошқа ҳеч нарса эмас. — Довуд одатда уйига бундай жирканч нарсани олиб келмайди. Шу бутингни даф қил! Ғолиб жангчиларга хос такаббурлик Уриёнинг кўзларида мағрурлик пайдо қилди. — Нима қилиш кераклигини менга уқтирма! Ҳой хотин, нимадан қўрқасан? Бу шунчаки оддий сопол-ку! Шу бут ўз эгасини қутқариб қола олдими?! — Бу қабиҳлик, Уриё! Уриё қўлига илинган нарсани отди, ғазаб билан хотинига тикилди: — Сен мени танҳо Худо борлигини билмайди, деб ўйлаяпсанми?! Айнан Довудга ҳамма нарсада ғалабани Эгамиз беряпти-ку! Бу бут қаерда турган бўлса, ўша ерга қўясан! Шоҳим билан бирга жангда бўлдим, шоҳим ғалабани қўлга киритишига мен ёрдам бердим. Шу бут ўша жангдан хотира. Бурсабо бунчалик жизаккилашганидан ўзи уялиб кетди, жим бўлиб, бошқа чурқ этмади. Филистлар янгидан лашкарини тўплади. Уриё яна урушга сафарбар қилинди. Филистларнинг қўққисдан ҳужум қилиб, қилаётган пўписалари битиб кетмаётган ярани эслатарди. Парвардигор Довудга яна ғала-ба ато қилди. Гавайдан Газоргача филистлар тор-мор келтирилди. Бироқ Бурсабо бу урушнинг чексизлигини билар эди. Эркаклар жангни ёқтиришади, шекилли. Уриё бўлса ҳаммадан кўп ёқтиради. Уриё бу сафар жанг майдонидан қайтганда, уйига келмади. Онаси унга: «Уриё Довуд билан бирга Худонинг Аҳд сандиғини Баал пиримдан Қуддусга олиб келиш учун кетибди», деб айтди. «Улар кайтиб келишяпти», деган хабар бутун қароргоҳга тарқалди. Бурсабо ҳам бошқа аёллар билан уларни кутиб олишга чиқди, ҳам-ма хурсандчиликдан йиғлади. Лекин жангчиларни кўрдилару хурсандчиликлари узоққа чўзилмади — улар Аҳд сандиғисиз қайтиб келишаётган эди. Довуд ҳеч кимга қарамасдан хачирида келарди. Унинг юзлари чанг, қовоғи солиқ. Бурсабо Уриёни кўриб, у билан бирга кетди. Жангчилар узра мағлубият кайфияти кезарди. Довуд одамларига: «Тарқалинглар!» деб буюрди, ўзи ҳам хотинлари олдига — уйига кетди. Уриё Бурсабонинг олдига кирди. Бурсабо эрини ҳеч қачон бунчалик толиққан ҳолда кўрмаган эди. Бурсабо юзидаги ёпинчиқни олиб, эрининг кўзларига боқди. — Нима бўлди, Уриё? — Довуд сандиқни Қуддусга олиб келишга қўрқди. — Довуд ҳеч қачон ҳеч нарсадан қўрқмаган эди. Уриё тишларини ғичирлатди. У хотинининг қўлидан ушлаб, уйига томон кетди. — Ҳаммамиз каби, у ҳам Худодан қўрқади. Руҳонийнинг ўғли Оза ўлди. Аҳд сандиғини олиб кетаётган ҳўкизлар қоқилиб кетган эди, у Аҳд сандиғини ушлаб қолди. Эгам шу заҳотиёқ Озанинг жонини олди. Мен ҳеч қачон бунчалик шиддат билан юз берган ўлимни кўрмаган эдим, — Уриё Бурсабонинг қўлини бўшатди. — У худди яшин ургандай оёғи чалиниб йиқилди. — Аҳд сандиғи ҳозир қаерда? — Хеттлик Оминадовнинг уйида. Эгам Довудга бошқа буйруқ бермагунча ўша ерда туради. Уриё қайтиб келдию яна уларнинг уйи гавжум бўлиб қолди. Уриёнинг олдига тез-тез жангчилар келиб туришарди. Баъзида улар кечгача қолиб кетишарди. Эркаклар Оминадовнинг уйини Худо қандай марҳаматлаётганини муҳокама қилишдан бошқа ишлари йўқ эди. Уч ой Довуд бундай гапларни эшитиб юраверди. Охири энг жасур эркакларни чақириб, Аҳд сандиғини олиб келиш учун олиб кетди. Улар орасида Уриё ҳам бор эди. * * * Узоқдан Довуд ва унинг одамлари келаётганини билдирувчи карнай овози, ҳайқириқлар эшитилди. Аёллар кўчага отилиб, тантанали юришни кутиб олгани пешвоз чиқишди. Довдираб қолган Бурсабо бошқалар билан бирга тоғнинг ёлғизоёқ сўқмоғидан тушиб келарди. Қуёш нури Аҳд сандиғини шунчалик ёритардики, Бурсабо уни кўриб ҳаяжонланиб кетди. Аҳд сандиғини олиб келаётган эркаклар ҳар олти қадам юрганларидан кейин, Довуд боқилган бузоқ ва қўйни қурбон қилганча тўхтаб туришарди. Карнайлар гум-бурлайди. Довуд хурсандчиликдан рақсга тушади. Эркаклар, аёл-лар ва болалар йиғлайди, кимлардир қўшиқ айтади. Устки кийимларини ечиб юборган Довуд тантана билан келаётган одамларнинг олдида битта ёпинчиқда келяпти. Халқ Довуднинг Худога бўлган садоқатини кўриб турибди, хурсандчиликни у билан бирга баҳам кўришяпти. Эркаклар бирин-кетин Худога шукр айтиб қўшиқ куйлашади, аёллар Довуд билан бирга рақсга тушишади. Ниҳоят, оғир кунлар ўтиб кетди. Худо ҳамма нарсада Довудни ҳимоя қилар, уни марҳаматлар эди! Халқлар Довудга қарши чиқа олмайдиган бўлдилар, чунки Худо Довуд тарафда! Парвадигор Довудни мустаҳкам қилди, унинг атрофига довюрак, кучли йигитларни жипслаштирди. Энди Аҳд сандиғи қачонлардир Иброҳим ўзининг ягона ўғли Исҳоқни Худога қурбонлик қилмоқчи бўлган тоғда туради! Бурсабонинг юраги хурсандликдан куйлайди. У лоқайд қараб туролмас эди. Агар у Худони марҳаматламаганда, рақсга тушмаганда эди, ақлдан озиб қолган бўлар эди. У гоҳ йиғлаб, гоҳ кулиб ёпинчиғини бошидан олди-да, уни осмонга отиб, яна илиб олиб, ҳайрату ҳаяжон билан айланиб рақсга тушарди. * * * Бироқ дарвоза олдида Исроилни ўраб олган душмандан ҳам кучлиси ўрнашиб олган эди. Олдинда халқнинг тақдирини ҳал қилувчи буюк жанг турибди. Лекин бу жанг тоғда эмас, водийда ҳам эмас, Исроилнинг тепаликларида ҳам эмас, балки инсон юраги саҳросида юз беради. Иккинчи боб — Аннон нима қилибди? Довуд бир оз олдинга энгашди, одамлари олиб келган янгиликка сира ишонгиси келмас эди. У одам-ларини Анноннинг ҳузурига ўз ҳурматини билдириб кўйиш учун жўнатди. Чунки Шоул Довудни пойлаб юрганда, Анноннинг отаси шоҳ Навас Довуднинг ота-онаси оммон халқи орасида яшашларига ижозат берган эди. Довуд одамларини Анноннинг ҳузурига жўнатиш билан «Сенинг ерингга бостириб кирмайман», деб унинг билдириб қўймоқчи эди. Мана энди у Довуднинг элчиларини ҳақоратлабди. Энг ёмони, элчиларини шарманда қилибди! Терлаб-пишиб кетган, бошдан-оёқ чангга ботган ёш хабарчи Довудга яқинроқ келди. Бир оз хижолат тортиб, пичирлаб хабарни яна такрорлади. — Шоҳим, ҳазрати олийлари, шоҳ Аннон бизни: «Шоҳ шаҳарни босиб олиши учун сизларни айғоқчиликка жўнатган» деб айбла-ди! — у ғичирлаган овозда гапириб, афтини буриштирди. — У ҳар биримизнинг соқолимизни кесиб ташлади, кийимларимизни ҳам белимизгача кесди. Ҳамма бизнинг устимиздан кулди, кейин эса у бу қулларингизга: «Қароргоҳдан даф бўлинглар!» деб буюрди! Довуд ўрнидан сакраб турди. Тахт атрофини одамлар ўраб олган, бир неча сония хонага жимлик чўкди. Лекин шу заҳоти яна шивир-шивир бошланди: ҳамма бир-бирига савол бериб, ўзаро фикр алмашиб, пичирлаша бошлади. Ахитофел билан Элиёб саройда одамлар орасидан ўтиб кетаётганларида, Йўаб хўмрайганича, Довудни ва унинг элчисини кузатди. — Жим! — Ахитофел шовқин-суронни босди. — Шоҳ жаноблари гапиряптилар! Довуд ғазабини сочмоқчи эмас. У элчи билан ёлғиз гаплашиб олиши керак. Ўшанда Довуд вазиятни яхши билиб олади, одамлар содир бўлган воқеани билишларидан олдин, шоҳ қандай чора кўриш кераклигини ҳал қилиб олади. Йўаб ҳамон тунд қиёфада. Довуд жангга тайёр эканлигини, жанг қилишга муштоқ эканини ўзи билиб турарди. Довуд жангчиларига қаради: жангчилар ҳам жангга тайёр. У кўпинча атрофидаги жангчилари жангари, жангга иштиёқманд эканлигини кўриб, тез-тез хавотирга тушар эди. Бироқ ўзи ҳам қасос ўти билан ёниб турганда, Худога нола қилишга қандай ҳақи бор?! Нодон! Наҳотки Аннон»: Исроилликларни боплаб шарманда қил-дим, «мени ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди», деб ўйлаяпти, жазосиз қоламан, деб ўйлаяпти?! Наҳотки у, бўлиб ўтган воқелар мендан кейин изини қолдирмайди, деган хаёлга боряпти? Довуд ўзининг одамларига бундай муносабат қилганларини томоша қилиб тура олмайди. У Анноннинг қилмишларига, ўз яқинларининг таҳқирланишига жимгина қараб туролмайди. Қолаверса, агар у сукут сақлаб ўтираверса, қўшни халқлар Довуднинг ниҳоятда сабрлилигини эшитиб, Довуд заиф экан, деб ҳисоблашади. Довуд ҳозироқ ҳужумни бошламаса, аммонлар, Исроил ҳужум қилишга ҳар доим тайёр экан, деб ўйлайди. Довуд Ахитофелдан маслаҳат сўрамайди. Нима қилиш кераклигини ўзи билади. Шоҳ Довуд ўзига ғоят ишонган аммонларнинг шунақанги эсини киритиб қўйсинки, бундан кейин Исроилни ҳеч ким ҳақоратламайдиган бўлсин, Довудга ташланмасин. Улар Исроилда Худо борлигини билиб олади! Довуд яқинда филистларни енгди, мўабликларни ер билан яксон қилди. Сурияликларни ҳам, подшоҳи Адриазар билан бирга, ер билан битта қилиб ташлади, идумейларнинг ерини бошқариш учун ўз жангчиларини қўйди. Энди бўлса, Анноннинг ўзи вазиятни мураккаблаштирди. Аннон албатта, ўзи қазиган чоҳга ўзи тушади! Эй, Парвардигор, мен яна қанча жанг қилишим керак? Исроилда Худо борлигини билишлари учун бошқаларнинг олдида яна қанча вақт қиличимни ишга солишим керак? Мен тинчлик истайман! Эй Эгам, эй Шоҳим! Мен бу одамларни жангга олиб боришни эмас, Сенга санолар ёзишни, Сени марҳаматлаб қўшиқ айтишни истаяпман. Улар жуда кўп, шунчасини бошқариш менга машаққат туғдиряпти! Мен чарчадим. Қачон дам оламан? — Довуд, — секин овоз берди Ахитофел. Довуд қайғусини, ғазабини юзига чиқармасликка ҳаракат қилиб, тишларини маҳкам сиқди, кўзларини юмди. Одамлари нимани хоҳлаётганларини Довуд биларди: жанг! Улар жангни қандай ёқтиришади-я! Қон тўкилишидан қандай роҳат олишади-я! Йўаб билан Абушай ҳам ёввойи тўнғиздай шанақанги қайсарки, тинчликни умуман хоҳламайди. Довуднинг яна бир қанча одамлари Йўаб билан Абушай сингари қаҳри қаттиқ одамлар. Тинч, осойишта ҳаётга улар кўника олмаяптилар, ҳис-туйғуларига эрк берадиган урушга талпиняптилар. Жангчилар жанг қилиш учун ҳар хил баҳоналар ўйлаб топадилар. Мана Аннон айнан шундай баҳонани ўйлаб топди. Эй, Худойим, ўсмирлик даврларимни жуда соғиняпман! Довуд отасининг подасини боқиб юрган пайтларини, эмин-эркин юрган даврларини эслаб, йиғлагиси келди. Ўша пайтларда у Худонинг қонунлари, амру фармонлари ҳақида соатлаб ўйлар эди. Кундуз кунлари яйловлар бўйлаб кезиб юрарди, кечалари атрофини ўраб турган жамики нарсаларда Худони кўрарди, юлдузларни кузатарди. Ҳеч ким унинг хаёлларини тўзғитмас эди. Ҳеч ким уни Худони шарафлашдан чалғитмас эди. Довуд Парвардигори Олам билан, атрофини ўраб турган табиат билан мулоқот қилиб роҳатланарди, Худонинг борлигини ҳар доим ҳис қиларди. Энди бўлса, бошига ташвишлар тушган пайтда, у Худо билан ёлғиз қолиш учун бор кучи билан вақт топишга ҳаракат қилиши керак эди. Довуд Яратганга атаб забур ёзиб, ҳамду сано айтишга, чилторини чалиб саноларни куйга солишга ҳаракат қиларди. У отасининг подаси учун сув ва ем топишга, ёввойи ҳайвонлардан ҳимоя қиладиган масъул чўпон бўлган пайтларини қўмсар эди. Энди бўлса атрофини «йиртқич», «жангари одамлар» ўраб олган! Довуд эгилиб, бошини қўллари орасига олди. Эй, Худойим! Бу урушлар қачон тугайди? Мен тинч, хотиржам яшашни хоҳламайдиган одамлар орасида яшашдан чарчадим! — Хўжайин, — деди Ахитофел унга яқинлашиб. Довуд бошини кўтарди. У жуда чарчаган, кайфият йўқ эди. Ҳар бир қабул қилган қарори жонни тикиш билан баробар. Бироқ унда танлаш имконияти борми? У шоҳ, ахир! — Ахитофел, биз яна жангга тайёргарлик кўришимиз керак, — унинг қоп-қора кўзлари чақнади. — Юр менинг хонамга, ҳаммасини маслаҳатлашиб олайлик, — Довуд имо билан элчиларни яқинроқ келишга ундади: — Йўаб, Абушай! Сизлар ҳам мен билан бирга юринглар! Довуд улардаги жанг қилишга иштиёқни пайқаб турарди. Довуд хабар олиб келган элчига деди: — Кечаси дам ол, кейин ортингга қайтасан. Хизматкорларимга айт: соқоллари ўсгунча Ерихонда қолишсин. Довуд Анноннинг шунақанги таъзирини берадики, у қилган иши учун ҳали пушаймон ейди. * * * Шоҳ Аннон қўшинини янада мустаҳкамлаш учун суриялик жангчилардан ёллади. Лекин Довуд улар билан жангга киришиб, ер билан яксон қилиб ташлади. У шафқатсиз оммонларнинг устига бостириб бораверди. Минглаб оммон халқи ҳалок бўлди. Бир йилдан кейин Довуд Йўабга оммонларнинг пойтахти Раббани қамал қилишни буюрди. Эркаклар яна жангга отланди. Улар шаҳардан чиқаётганларида, Бурсабо онаси билан бирга шаҳар дарвозаси олдида турарди. Довуд хачирига миниб олганича, лашкарбошилари билан гаплашаётган эди. Улар орасида Уриё ҳам бор. Бурсабо шоҳнинг ёнида турган эрига ғурурланиб қарарди. Ўттизта жасур ва кучли эркак Довуднинг ёнидан тарқалди ва ўзларининг тўдасига қўшилди. Ҳар сафар Аҳд сандиғини шаҳардан жанг майдонига олиб боришганда, Бурсабони аллақандай титроқ қамраб оларди. У бу сандиқ ичида Худонинг йўқлигини билади, бироқ Парвардигор Ўзининг халқи орасида борлигидан Аҳд сандиғи далолат бериб турар эди. У ҳар доим жангчиларни ҳимоя қилади. Отаси Бурсабо билан онасининг ёнидан ўтиб кетаётганда, онаси йиғлаб юборди. — Ҳар сафар кетаётганда, мен ўзимга ўзим, уни яна кўраманми ёки йўқми, деб савол бераман, — кўз ёшларини тўкиб деди онаси. Ҳамма аёллар оталарини, ака-укаларини, эрларини урушга кузатишаётганда, оғир қайғуга ботар эдилар. Бурсабо ҳам йиғларди. Уриё унга саройнинг ёнида жойлашган уйни совға қилди, лекин Уриёнинг ўзи кўпинча саройда вақтини ўтказар эди. Баъзида Уриё: «Билиб қўй, мен сени севаман», деб хотинини севишини исботлаб, Бурсабога ҳар хил зебу зийнатлар совға қиларди. Бурсабо бундан ҳайратланарди. У эрининг одамлар ўртасидаги обрўйидан фойдаланар эди. Лекин отасининг, бобосининг ишончини оқлаганидан янада ғурурланарди. Кўпчилик эркаклар жасур жангчилару аммо фақат айримларигина Бурсабонинг эридек ростгўй. Уриё бир сўзли одам. Кечалари келиб Бурсабо пиширган овқатларни ейдиган лашкарбошилар ҳам Уриёни яхши кўрадилар. Бурсабо бу пайтда хизматкори билан хонасида ўтирган эди. Агар Уриёни севиб қолганда эди… Агар унга нисбатан ҳурматдан бошқа ҳис-туйғулар ҳам борлигини ўзи сезганда эди. Лекин Бурсабо Довудга қараб турар экан, унга нисбатан бўлган ҳис-туйғулари ҳали ҳам сўнмаганини сезарди. Онаси Бурсабони қўлидан ушлади. — Уриё ёнингга зиён етмай келиши учун мен ибодат қиламан. — Худо уни ҳимоя қилади, — у Довудни эркаклар билан бирга шаҳарни тарк этиш ўрнига шаҳарга қараб кетаётганини кўрди: — Довуд улар билан бирга кетмаяптими? Уриё бу ҳақда бирон гап айтмаган эди. — Жонгинам, эрингдан хавотир олма. Йўаб билан Абушай қўшинни бошқара олишларини исботлаб беришди. Шоҳ, мен бормасам ҳам бўлаверади, деб ҳисоблайди, шекилли. Онасининг гаплари жиддий эди. Наҳотки, шунча йиллар ҳақ деб юрган одамини муҳокама қилаётган бўлса?! — Сиз, Довуд уйда қолиб нотўғри иш тутяпти, деб ўйлаяпсизми? — деб сўради Бурсабо. — Бу нотўғри. Лекин мен шоҳ нима қилиши кераклигини ёки керак эмаслигини муҳокама қилиш учун ким бўлибман? — онаси ўгирилиб хафахол деди. — Қанийди эркакларимиз жангдан чарчашса! Лекин бу ҳеч қачон бўлмаса керак. Эркаклар жанг қилиш учун, аёллар бўлса шоҳ қўшинига ўғил туғиш учун яшашяпти, шекилли. Бурсабо онасининг қўлини ушлаб каттиқ сиқди. — Балки, ҳар доим шундай бўлмас. Балки, Довуд ҳамма душманларни Худо енгишига йўл қўйиб берар, ана ўшанда ҳамма ёқда тинчлик ўрнатилади. — Дангаса шоҳдан яхшилик кутма. Бурсабо онасининг қўлини қўйиб юборди. — Довуд ҳеч қачон дангасалик қилмаган! Онаси қизига қаради. — Ҳа, дангасалик қилмаган. Лекин у сарой девори ортидан кимнинг устидан ғалаба қила олади? — деди-да, нари кетди. * * * Довуд учун кунлар секин ўтаётгандай туюларди. Хотинлари ва болалари ўзларининг муаммолари, илтимослари билан унинг жонига тегишар эди. Довуд бировнинг жанжалини эшитмасдан тинчгина овқат ейишга имкони йўқ эди. Қизлари ва ўғиллари: «Бизга етарли диққат-эътибор бермаяпсиз», деб нолишарди. Шундай пайтда хилватга кетиб, ёлғиз қолиш фикри туғиларди. Довуд бир ўзи қолганда эса қўрқар эди. У нимадандир қониқмасликни, хавотирликни ҳис қиларди. Наҳотки, ҳаётининг мазмуни шу бўлса? У санолар ёзишга ҳаракат қиларди, лекин сўз тополмас эди. Чилторидан таралаётган ҳар бир садо эса қалбакидай чиқади. Довуд дам олишга ҳаракат қилади, лекин қанча кўп ухласа шунча кўр чарчайди. Довуднинг қалби толиққан. Элчи: «Йўаб билан Абушай оммонларни яксон қилди, сизнинг буйруғингиз бўйича у ерга Раббани қўйишди», деб хабар келтирди. У аммонларни очликдан таслим бўлишини биларди. Шаҳар деворларига ҳужум Раббанинг қулашини тезлаштирган бўларди. Лекин бунга жон олиб, жон бериш билан эришишга тўғри келади. О, Довуд урушдан қандай чарчади-я! Қайғудан кайфияти йўқ, тушкунликка тушган шоҳ ўзининг номи билан аталадиган — Довуд шаҳри саройи томидан сайр қилиб юрарди. * * * Бурсабо эри урушдан қайтишини кутган сари, вақт секин ўтиб боради. Раббанинг қамал қилингани ҳақида хабар келди, бироқ Бурсабо уруш ҳали бери тугамаслигини биларди. Оммонлар таслим бўлиб, Уриё уйга қайтгунча анча вақт ўтади. Агар қайтса. Ҳар гал Уриё урушга кетганда, Бурсабони бир мужмал ҳолат қийнарди: балки Уриё авлодини давом эттирадиган ўғил қолдирмай, балки Бурсабонинг ҳаётидан бир умрга кетаётгандир. Бурсабо ўғил кўришни жуда хоҳлар эди. Лекин эри уйда камдан-кам бўлса, у қандай қилиб ҳомиладор бўла олади? Ёлғизлик Бурсабонинг ашаддий душмани бўлиб қолди. Бундан Бурсабо жуда азобланарди. Баъзида Бурсабо хонасига кириб кетиб жим-жит хонада соатлаб йиғлайди. Лекин бундан бошқа унинг яна қандай имконияти бор?! Бахт у учун эришиб бўлмайдиган нарса! Шаҳар ҳувиллаб қолди. Уруш бўлаётган бир пайтда шаҳар деворлари ортида аёллар, болалар, кексайиб, жанг қилишга ярамай қолган эркаклар ва уйда қолишга қарор қилган шоҳ қолди. Бурсабо шоҳ саройининг деворларига назар ташлади. Довудни телбаларча севадиган хотинлари ва жазманлари қуршовида эканлигини тасаввур қилди. Ўғиллари ва қизлари унга диққат-эътибор бериб, хурсанд қилишаётган бўлса керак. Шундай катта оиланг бўла туриб наҳотки бахтли бўла олиш мумкин эмас?! Бурсабо бўлса мана эрсиз, фарзандсиз бир ўзи ўтирибди. У Уриёни қанчадан бери кўргани йўқ? У билан учрашгунча яна қанча вақт ўтади? Ҳар бир ўтаётган ой унда фарзанд кўриш умидини сўндирар эди. Бурсабо идишга сув тўлдирди, қизиб турган юзини ювди. Унинг ҳолати ёмон эди. Нега шундай бўлаётганини ўзи биларди. Ҳар сафар ой кўриб, охирлаётганда ўзига-ўзи раҳми келар эди. Ҳеч қачон уйда бўлмаган эри учун ўзини тайёрлашдан нима фойда?! Ойлар кетидан ойлар ўтиб кетаверади, у бўлса оналикни ҳис қилмай бу оламдан ўтиб кетади. Кўзлари ёшга тўлди, юрагида ғазаб пайдо бўлди. Вужудини қайғу-алам қамраб олди. — Бекам, ҳаммом тайёр. Бурсабо ечиниб, уй ичкарисидаги ҳаммомга кирди. Юпқа парда ҳовлини қуёшнинг тик нурларидан сақлар эди. Хизматкор секин Бурсабонинг устидан сув қуйди, у эса ювина бошлади. Кейин Бурсабо ҳаммомдан чиқди, хизматкор кир сувни тўкиб бўлгунча кутиб турди. Бурсабо танасида қуриб бораётган совуқ сув томчиларидан роҳатланиб сочини тепага кўтарди. Хизматкор қайтиб келди, Бурсабо яна ҳаммомга кирди. Иссиқ танасига қуйилган муздай сувдан Бурсабо сесканиб кетди. Сув тезроқ танасидан оқиб тушиб кетиши учун қўлларини танаси бўйлаб юргизиб, чуқур нафас олди, кўзини юмиб бошини кўтарди. Шаҳар шунчалик осуда эдики, Бурсабо хавотирлана бошлади. Нимадир содир бўлиши керак бўлгандай. Бурсабонинг баданида титроқ турди. Уни кимдир кузатаётгандай туюлди. У хавотирланиб тепага қараган эди, томда унга қараб турган эркакни кўриб қолди. У қўрқиб кетиб қўллари билан баданини беркитди, кейин эса танасини бироз беркитиб турган юпқа пардага ўралди. Одамлар қуёш тиғидан беркиниб уйларида дам олаётган тушдан кейинги пайт эди. Бу одам томда нима қилиб юрибди экан? Бурсабо ҳайрон бўлиб унинг ҳаловатини бузган бу эркакнинг кимлигини билиш мақсадида пардадан бошини чиқарди. У отаси, бобоси ва Уриё келганда ҳаммасини айтиб беради. Аммо пардани кўтариб қараганда, унинг юраги қинидан чиқиб кетай деди. Унга сарой қоровули эмас, гажакли оқ ёпинчиқдаги эркак қараб турар эди. Довуд! Юраги дукирлаб ураётган Бурсабо шийпон тагида турарди. Кучли хоҳиш танасининг ҳар бир ҳужайрасигача қамраб олди. Ҳаттоки, парданинг шабадада шитирлаб чиқаётган овози ҳам унинг истагини қўзғатарди. Бурсабо Уриёга турмушга чиқаётган пайтда Довуд унга қандай қараганини кўз олдига келтирди. Эслаган заҳоти яна шоҳнинг ўзига қаратилган ўткир нигоҳини сезди. Агар Довуд унга олдинроқ эътибор берганда эди, ҳозир унинг хотини бўларди. У Бурсабога ҳозир бунчалик очкўзлик билан қарамаган бўлар эди. Бурсабо уйга қочиб кириб, яна ювинишни давом эттириши керак эди. Лекин у нимадандир хафа бўлиб кетди. Нега энди Довуд қўлидан чиқарган нарсасини томоша қилмаслиги керак, шунга йўл қўйиб бермаслик керак?! Довуд чўпоннинг орқасидан юрган етим қўзидай қорачадан келган мана шу озғингина қизчани томоша қилиб олсин! Бурсабо тепага қаради. Балки энди Довуд, сен кимга турмушга чиқишни хоҳлайсан, деб сўрар? Яна куёв танлашни Бурсабонинг отасига қўйиб бермас, албатта? Довуд унга қараётган пайтда қайғу тўлқинлари Бурсабонинг ғазабини босди. Нега у томда туриб, пастга — Бурсабонинг ҳовлисига қараяпти? Нега энди бир имоси билан ёнига келишга тайёр турган гўзал қизлар турганда унга қараяпти? — Бекам? Бурсабо чўчиб тушди, иссиқдан қизариб кетган чўрисига қаради. Чўри унинг ёнида туриб томга қараб турган экан. Бурсабо Довуднинг кетганини кўриб енгил тортди. — Бекам, ҳамма нарса жойидами? — Мен ибодат қилаётган эдим. Бурсабо уялиб кетди. У ёмон иш қилаётганини англаб, чўрисининг қўлидан кийимларини олиб кийди-да, уйга югуриб кириб кетди. У ортидан эшикни ёпиб, яланғоч эгнига кўйлагини кийиб олгач, эшикка суянди. Йиғлаб юбормасликка ҳаракат қилиб хонага ўтди, кейин каравотга ўзини ташлади. Нима қилиб қўйди-я? Шоҳ уни томоша қилишига йўл қўйиб берганда, нима ҳақда ўйлади экан? Бурсабо юраги қинидан чиқиб кетаётгандай, тўхтатиб қолиш учун қўлини кўкрагига босди. Ҳис-туйғулари тўлиб-тошди: уят, истак, афсусланиш, ғазаб, ўзидан жирканиш бутун вужудини қамраб олди. Энди Довуд у ҳақда нима деб ўйлайди? Бурсабо эри билан ётадиган ўрнига ўзини отди, қўллари билан юзини беркитиб, йиғлаб юборди. * * * Довуднинг еттита хотини, кўп канизаклари бор эди. Лекин ҳеч ким ҳозиргина саройининг ёнидаги ҳовлида ювинаётган аёл билан тенглаша олмас эди. Бурсабонинг чиройли қомати, салобатли ҳаракати Довудни маҳлиё қилган эди. Момо Ҳаво ҳам бундан ортиқ бўлолмасди! Аёл совқотганидан сакрашга тайёр турган оҳудай бошини кўтариб, Довуднинг томда турганини сезиб қолган эди. Довуд ана шу лаҳзани эсида сақлаб қолди. Бурсабо аввал атрофга назар ташлади, кейин тепага қаради. Довудни томда кўриб қолиб, дарров ҳарир парда ортига беркинди. Бир неча сония Довуд ювинаётган аёлга қараб тургану тўсатдан кимдир бу аҳволни кўриб қолган — аёл шуларни ўйлаб уялиб кетди. Мана, энди шоҳ ўз саройининг томида турибди. Довул хоҳлаган пайтида саройи томида айланиб юриши мумкин. Бурсабо бўлса ҳовлида эмас, уйда ювиниши керак. Айтгандай, Бурсабо бундай қилишига нима мажбур қилди? Довуд Бурсабони кўрганда энтикиб кетди. У ҳеч қачон бундай жозибали аёлни кўрмаган эди. Томдан тезроқ тушиш мақсадида қўриқчи кўриб қолмасин, деб кунгурали девордан катта-катта қадам ташлаб тушиб кетди. — Йўрам! — деб чақирди у. Жангчи Довудга қаради, Довуд уни имлаб чақирди. — Лаббай, шоҳим! Довуд Йўрамнинг елкасига қўлини қўйиб, Уриёнинг уйини қўли билан кўрсатди. — Ўша ерда бир аёл яшар экан. Кимлигини билиб кел. Ҳайрон бўлган қўриқчи шоҳнинг буйруғини бажариш учун кетди. Довуд чуқур нафас олди. Деворга суяниб Йўрам кўчада пайдо бўлганини кўргунча пастдан кўзини узмай турди. Довуд ўгирилди-да, шошиб зинадан тушди. Болалардан ўзини четга олиб, у бошқа қўриқчини чақирди. — Йўрам келиши билан менинг олдимга олиб кир. — Хўп бўлади, хўжайин. Ётоқхонасида ёлғиз қолган Довуд сабрсизлик билан кутар эди. Вақт ўтарди, у бармоқларини шақирлата бошлади. Нотинчланган Довуд ўрнидан туриб қўлини бошига қўйди. У ҳеч қачон бундай эҳтиросли истакни ҳис қилмаган эди. У ҳаяжонланарди, бироқ майда-чуйда ташвишларга эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Довуд кўзларини ювиб яна ўша аёлни, унинг нозик қўллари ён тарафга чўзилганини, худди ибодат қилаётгандай бошини тепага кўтарганини эслади, унинг бадани эса… Довуд ложасидан турди. — Нега бунчалик секин-а? Кутаверганидан ҳаяжонланган, жаҳли чиққан Довуд хонада у ёқдан бу ёққа юрди. Довуд бу аёлга етишишни хоҳлаяпти, қандай йўл билан бўлмасин, ниятига эришади. Кимдир эшикни тақиллатди. — Кир! Остонада Йўрам кўринди. — Ичкарига кириб эшикни ёп, — деб буюрди Довуд. У қўлларини белига қўйиб турар эди. — Бирон нарсани билиб келдингми? — Ўша аёлнинг исми Бурсабо экан. — Бурсабо? — Ие, бу исм унга танишдай туюляпти-ку? — Бурсабо… — Элиёмнинг қизи, хеттлик Уриёнинг хотини. Оҳ, йўқ! Довуднинг ичида нимадир узилгандай бўлди. У одатда Ахитофелнинг тиззасида ўтириб, олов оша унга қараб турадиган ўша озғингина қизчани эслади. Йўқ! Бўлиши мумкин эмас! Унга таъзим қилган, унинг орқасидан Эн-кайди ғорига борган жажжи Бурсабо! «Мен сен билан гаплашиб олишим керак». Бурсабонинг кўзлари чақнарди. Бурсабо энг яхши, вафодор дўстларидан бирининг хотини. Довудга ишонган, Довуд ҳам унга ишонадиган одамнинг қизи, энг ақлли маслаҳатчиси Ахитофелнинг набираси. Бундан баттари бўлиши мумкинми?! Довуд Бурсабо билан Уриёнинг тўйида ўша қизнинг кўзларига қараб, ўзини ноқулай сезганини эслади. Ўша кундан бошлаб Довуд унга бошқа қармасликка қарор қилган эди! Довуд хириллаган овоз билан кулди. Қўлларини белига тираганича, қўриқчига ўгирилди. Довуд яна олдинги ҳолатига тушди: яна аввалгидай толиқиш, тушкунлик! — Кетишинг мумкин. — Шоҳим, бирор нарса истайсизми? Довуд тишларини қаттиқ сиқди. — Йўқ, ҳеч нарса керак эмас. — Сиз учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, хўжайин. Сиз шоҳсиз. Нимани истасангиз, ҳаммаси сизники. Довуд қўлларини тушириб бошини кўтарди. У — шоҳ. Бундан ташқари, ҳозир унинг қўшинлари Раббани қамал қиляпти. Уриё, Элиём, Ахитофел бир неча ой олдин кетишган, қайтгунларича ҳали анча вақт бор. Довуднинг юраги тез ура бошлади. Бурсабони ўз қарамоғига олса-чи? Бир-бирларининг қўйниларида ором топишса нима бўпти? Бир кечадан қандай зиён бўлиши мумкин? Ким бу ҳақда билиб ўтирибди?! Хоҳиш тобора кучайиб бораверди. — Шоҳим, нима истайсиз? — Ўша аёлни менинг ҳузуримга келтир, — деди Довуд истагини намоён қилиб. Унинг виждони азоб чекарди, лекин орзиқиб кутаётган тун ҳақидаги ўйлари унга ором берди. Бироқ у ўйлаб иш қилиши керак. — Қоронғи тушишини кут, кейин уни менинг ёнимга олиб кел. Оғзига маҳкам бошқа жангчиларда ёнингга ол. — Агар аёл қаршилик кўрсатса-чи? — Қаршилик кўрсатмайди. Бурсабо анчадан буён уни севади, ахир. Бурсабо Адуллам ва Эн-кайдида Довуднинг қароргоҳи ортидан эргашган. Ўша пайтда Довуд Бурсабони кичкина хира пашша деб ҳисобларди, лекин ҳозир… — Агар у…? У — оддий аёл, Довуд эса — шоҳ. — Буйруқни бажар! — деб буюрди Довуд. Йўрам таъзим қилиб чиқиб кетди. Довуд Бурсабонинг кимлигини биларди. Бурсабо Довуднинг таклифини ўз ҳовлисида нигоҳлари тўқнашганда қабул қилган эди. Бурсабони Довуднинг ҳузурига олиб келишларига бир соат кетмайди. Ювиниб, баданига хушбўй моддалар суришига, ҳар қандай аёлнинг истагини қўзғатадиган хушбўй моддаларни тутатишига, бу тун ҳақида ўйлашга вақт кифоя қилади. Гуноҳни енгиш учун ҳам вақт етади. * * * Куннинг колган вақтини Бурсабо, энди шоҳга қандай қилиб қарайман, деб ўйлаб йиғлаб хонасида ўтказди. У гўзал қоматини беркитиб турадиган кенг кўйлак кийди, сочини узоқ тараганидан, бошлари оғриб кетди. Кейин тароқни кўкрагига босди-да, йиғлаб юборди. Вақт барибир, унинг Довудга бўлган севгисини сўндирмаган эди. Бугун Довуд унга қараганини билганда, эски ҳис-туйғулар янги куч билан яна жонланиб, уни қамраб олди. Кимдир эшикни тақиллатди. — Бекам? — хизматкорнинг паст овози эшитилди. — Бор, ишларингни қилавер! — Бекам, эшигимиз олдида бир жангчи турибди! — қизнинг овози қўрқувдан титрар эди. — У сиз билан гаплашиб олмоқчи экан! Жангчи! Бурсабо дарров ўрнидан турди. У жангчининг эшиги олдига келганидан битта фикрга кела олади — Уриё ё яраланган ёки ўлдирилган! Бурсабо дод-фарёд қилиб хизматкорнинг ёнидан югуриб ўтди, хонани кесиб ўтиб ҳовлига чиқди ва эшикни очди. Хизматкор унинг орқасидан югурди. Жангчи ҳовлига кириб эшик олдида турган экан. Унинг эгнида сарой қўриқчисининг кийими. Бурсабо чўчиб тўхтади. — Бу ерда нима қилиб юрибсан? Жангчининг оғзи таноби қочди. — Шоҳ сизни чақиряпти, бекам. — Мени чақиряпти? — Ҳа. Шоҳ чақиряпти. Жангчи орқага чекинди. Қўлини очиқ эшик томон чўзди. Унинг орқасида яна бир жангчи бўлиб, Бурсабога қараб турарди. Бурсабо қизариб кетди. У худди аввалгидай — Довуд унинг таъзирини бергандагидай, кичкина қизча сингари валуннинг орқасига ўтирди. — Бекам, — хизматкор йиғлади. — Оҳ, бекам! Бурсабо дарров чўри қиз томон ўгирилди, унинг қўлларидан ушлади. — Бас қил, бўлди, Хашефут. Шоҳ менга ҳеч қандай зиён етказмайди. У менинг отамни, бобомни яхши билади, балки шунинг учун Довуд мени чақираётгандир? Довуд улар ҳақида бирор хабар олган бўлиши мумкин. Тезроқ чодрамни олиб кел. Қиз унинг буйруғини бажаргани югуриб кетди, Бурсабо эса ҳаяжонланганича, сарой қўриқчиси билан эшик олдида туриб қолди. Қўриқчисининг қўли қиличнинг дастасида турар, боши тик, нигоҳи эса олдинга қадалган эди. Наҳотки Раббадан ёмон хабар келган? — Шоҳ менинг онамни ҳам чақирдими? — деб сўради Бурсабо. Нега энди шоҳнинг ўзи бу икки аёлга, яқинларингизни йўқотдиларингиз, деб айтмаслиги керак экан? — Сизнинг онангизними? — дея қўриқчи тиржайди. — Менимча, йўқ. — Ундай бўлса, нега шоҳ мени чақирганини айта оласанми? Жангчи Бурсабога қаради, жангчининг нигоҳидан Бурсабо қизариб уялиб кетди. Хизматкор қўлида ёпинчиқ билан қайтиб келди. Бурсабонинг юраги қаттиқ дукилларди, юзимни ҳеч ким кўрмасин, деб бошдан- оёқ ёпинчиққа яхшилаб ўранди. Эшикдан чиққан заҳоти икки тарафига қўриқчи келиб туриб олди. Бурсабо биринчи марта уйида юрадиган кенг кўйлагида саройга бораётган эди. — Бу ёққа! — қўриқчи фақат хизматкорлар фойдаланадиган саройнинг ён эшигига имлади, Бурсабони шу эшик томон олиб борди. Аёлнинг шу пайтгача шоҳнинг кўз ўнгидаги ҳолати ёки бу чақириқ ҳақида қандайдир шубҳалари бўлган бўлса, энди бу шубҳалар йўқ бўлди. Кўз ёшлари уятдан Бурсабонинг кўзларини ачиштирарди. Бундай вазиятга тушиб қолганига фақат ўзи айбдор. У юзини ёпинчиқ билан ёпди, бошини пастга тушириб атрофга қарамасдан сарой ошхонасидан, хизматкорлар хонасидан ва узун йўлакдан ўтиб зинадан кўтарилди. Қўриқчилар эшик олдида тўхташди. Бири эшикни тақиллатди, бошқаси эса ўзини четга олди. Эшик очилган заҳоти Бурсабо бошини кўтарди, у шу заҳотиёқ ёнида турган қўриқчиларни унутди. Эшик олдида Довуд турар, ундан кўзини узмас эди. Шоҳ кулиб, унга қўлини узатди. Бурсабо унга қўлларини берди. Шоҳ оҳиста, лекин куч билан Бурсабонинг қўлларини сиқди. Бурсабонинг нафаси тиқилди. Довуд Бурсабони хонасига бошлади, қўриқчига эса эшик олдида қўриқлашни буюрди: — Ҳеч ким мени безовта қилмасин! Кейин у эшикни ёпди. Бурсабонинг юраги овчининг қўлида типирчилаётган қуёндек урар эди. Довуд ҳамон Бурсабонинг қўлини ушлаб турар, қўйиб юборишни ўйламасди ҳам. — Келганингдан жуда ҳам хурсандман. — Бошқа иложим ҳам йўқ эди. — Сен ўз йўлингни танладинг. Довуд унинг қўлларини ўпди, аёлнинг кўзлари порлар эди. — Нега юзингни беркитяпсан? Ахир, сен ой ва қуёшдан ҳам гўзалсан. Бурсабо бошидаги ёпинчиғини ушлаш учун қўлини кўтарган эди, Довуд жилмайиб ўзини орқага олди ва деди: — Юр. Мен икковимиз учун овқат тайёрладим. Сен менга хизмат қиласан. Хонанинг ҳавоси хушбўй моддага бурканган. Ерга тўшаклар тўшалган. Хонанинг ичкарисида каровот. Узун столда овқат тайёрлаб қўйилган. — Қанча меҳмон кутяпсиз? — деб сўради Бурсабо. Довуд кулиб юборди. Унинг кулгусидан Бурсабо титраб кетди. — Фақат сени, жонгинам. — Мен оч эмасман, — Бурсабо бутун иродасини йиғиб шоҳга қаради. — Сиз менинг кимлигимни биласизми? — Албатта, — унинг нигоҳи Бурсабони эркаларди. — Сен гулханнинг орқасидан менга қараган қизчасан. Менинг ортимдан Эн-кайди ғорига борганинг эсингдами? — Мен энди кичкина қизча эмасман. Мен… — Шоҳликдаги энг чиройли аёлсан, — Довуд худди синагандек Бурсабонинг кўзларига қаради. — Ўшанда Эн-кайди ғорида сен мен билан гаплашиб олишинг кераклиги ҳақида айтган эдинг. Мен бўлсам сенга, уйга қайт, деб айтган эдим, — Довуд унинг юзини очиш мақсадида ёпинчиғини пастга тортди. — Бурсабо, энди мен билан гаплашиб олавер, — у Бурсабога яқинлашиб бошидаги ёпинчиғини олди. — Ҳозир нима ҳақда ўйлаяпсан? Ёпинчиқ аёлнинг елкаларидан сирпаниб тушиб оёғининг тагида тахланиб қолди. — Энди мени нега чақирдинг? — деди у йиғлаб. Шунча йил у орзу қилган эди. Лекин ҳеч қачон Довуднинг олдига ҳозиргидек келишни хоҳламаган эди. Ярим тундаги таклиф… — Сен негалигини биласанми? Довуднинг нафаси Бурсабо юзига уриб турарди. У титраб кетди. — Жуда кеч, — пичирлади Бурсабо. — Сен ҳозир мен билан биргасан. Бурсабо сапчиб тушди, бошини кўтарди, кўзлари тўла ёш, шоҳнинг юзини зўрға кўрарди. — Мен фоҳиша каби сизнинг ҳузурингизга хизматкорлар дарво-засидан таклиф қилинган ва олиб келинган одамман! — у бошини қимирлатиб яна кўзларини ерга қадади. — Агар бугунги қилмишимга келадиган бўлсак, ҳеч ким менга таъна қилмайди. Мен ўзим айбдорман. Мен… — Сен мени ҳайратга солдинг. — Мен? — Бурсабонинг юраги худди ёш қизчадай ғурурга тўлиб ҳапқириб кетди. — О, Довуд. Мени уйга жўнатиб юборинг. — Ҳозир эмас, — у аёлнинг энгагидан қаттиқ ушлади. — Сен бахтлимисан? Бурсабонинг кўзларидан шашқатор ёш оқади. — Бу ҳақда сўрашга қандай ҳаддингинг сиғди? — Сен бахтли бўлишингни хоҳлаяпман. Довуд диққат билан Бурсабонинг кўзларига қаради-ю ранги ўзгариб кетди. Юзида хавортирлик кўринди. — Сен никоҳ базмини эслайсанми? Мен сенинг кўзларингга қараганимда, юрагим тўхтаб қолгандай бўлган эди. Мен сендан кўз узолмас эдим. — Мана, нега сен ўшанда базмдан вақтли кетиб қолганингни энди билдим! — Бўлмасам-чи! Довуд Бурсабони қучоқламоқчи бўлди. Лекин у Довуднинг кўкрагидан итарди. Бурсабо нимадир деб уни тўхтатиш кераклигини билди. У худди Обигайл каби Довудга, эшик олдида гуноҳ пойлаб турибди, деб гуноҳини тан олишига мажбур қилиши керак. Лекин Бурсабонинг юраги борган сари тезроқ, кучлироқ урарди. Охир, Бурсабо ҳамма нарсани унутди. Довуд Бурсабони хоҳлаётган эди. Мен унга бир марта ўпишга рухсат бераман, фақат бир марта, кейин уни бу йўлдан тўхтатиш учун бирор гап дейман. Менга эса хотира бўлиб битта ўпич қолади. Фақат битта! Довуднинг лаби Бурсабонинг лабига текканда, Бурсабо эҳтиросдан боши айланиб қолганини сезди. Довуднинг бармоқлари Бурса-бонинг сочлари орасига кириб кетди. Довуд эҳтирос билан Бурсабонинг номини айтди, эҳтиёткорликка чорлайман, деган сўзлари Бурсабонинг оғзида қолди. Бурсабонинг бутун вужуди алангда бўлиб ёнарди, ўзини шоҳнинг бағрига ташлади, бир оғиз сўз айтишга холи қолмади. Бурсабо бирор сўз айтса, Довуд айбини тан олиб, уни уйига жўнатиб юборишини биларди. * * * Орадан бир неча соат ўтди. Довуд каравот олдида тик турганича, ухлаётган Бурсабога тикилиб турар эди. Бурсабо шунчалик гўзал эдики, Довуднинг қалбини жунбушга келтирди. Бироқ тонг отяпти. Довуд уни тезроқ саройдан олиб чиқиши керак, токи бу ерда бўлганлигини биротаси билиб қолмасин. Довуд уйғониб, ёнида Бурсабо ётганини кўрди-ю, Ахитофел, Элиём, Уриё ҳақида ўйлади. Бу яширин алоқа ҳақида улар билиб қолса, нима қилишади? Мен нимани ўйладим-а! Улар бутун қўшинни менга қарши қилиб қўйишлари мумкин! Довуд эгилиб тиззалаб ўтирди, Бурсабони ўпиб қўйди. Бурсабо уйқусираб секин кўзини очди ва жилмайди. — Довуд, — чуқур нафас олиб деди Бурсабо. Довуднинг юраги гупиллаб уриб кетди. Ҳис-туйғулардан қалби жунбушга келган Довуд қаддини тиклади. — Тонг отди, Бурсабо, кетишинг керак. Бурсабонинг кулгуси сўнди. Довуд Бурсабонинг кўзларидаги қайғуни кўриб, юраги эзилди. Бурсабо дарров ўгирилиб устига кўрпани тортди. Кечаси у уятни унутган эди, у ҳис-туйғуларга асир бўлди. Энди тонг отди, ҳамма нарса ўз жойига қайтди. — Уйингга эсон-омон етиб олишинг учун қўриқчим сен билан бирга боради, — деди Довуд. Нега Довуд ўзини айбдордек ҳис қиляпти? Ахир, улар ҳам бахтли бўлишга ҳақли-ку, шундай эмасми? Бурсабо ўтирди. — Мен уйга қайтадиган йўлни биламан. Довуд Бурсабонинг кийими ҳилпирашини эшитиб, унга секин якинлашди. — Бурсабо, — бўғиқ овоз билан деди у хоҳишдан алангаланиб. Бурсабо дарров Довуддан ўзини олиб қочди. Лекин Довуд уни елкасидан маҳкам ушлаб, ёнида ётишга мажбур қилди. Бурсабо унинг қўлларидан қутулишга ҳаракат қилди, лекин Довуд уни қаттиқ қучоқлаб шивирлади: — Бурсабо… — У юзини Бурсабонинг бўйнига қўйди. Шундай кечадан кейин қандай қилиб кетишига йўл қўя олади? Довуд Бурсабонинг баданидан таралаётган хушбўй ҳидни ҳидлар экан, ҳаммаси тамом бўлганини тушунди. — Мен бир кеча етарли бўлишини билмаган эканман, — Бурсабо кафтлари билан юзларини ёпди. — Мен, бу кеча ҳақидаги хотиралар билан яшайман, деб ўйлаган эдим. Лекин энди… мен ўзимни… мен ўзимни… харомдай ҳис қиляпман! Бурсабо титраб кетди. Унинг сўзлари Довуднинг ҳис-туйғуларини акс эттираётгандай эди. — Сен, Довуд мени уйимга жўнатишни хоҳлаяпти, деб ўйлаяпсанми? — Довуднинг виждони азобланаётган эди, бунинг устига боши ҳам қотган. — Агар шаҳарда миш-миш тарқалмайдиган бўлса эди, сени уйимда қолдирар эдим. Сенинг отанг… сенинг бобонг. — Менинг эрим! — Орамизда нима бўлганини кимдир билиб қолмасдан, мен сени саройдан кузатиб қўйишим керак. Довуд Бурсабонинг асаби таранглашганини сезди. У Бурсабонинг бўйнидан ўпди. Бурсабо ўзини четга олди. — Фойдасиз… Барибир кимдир билиб қолади. Мен тамом бўламан. Довуд ғазабланди: — Ҳеч ким билмайди! Бурсабо унга ўгирилди, Довуд унинг кўзларида қўрқувни кўрди. — Довуд, одамлар аллақачон билишади: сенинг қўриқчинг, ме-нинг хизматкорим. Хизматкорлар эшиги орқали кечаси қўриқчиларинг мени олиб кетишаётганини кўрган ҳар бир одам билади. Довуд унинг сочларини силади. — Ўз шоҳига қарши чиқишга ким бўлибди улар?! Менинг одамларим тилини тишлайди, сен ҳам чўрингга айт, агар жони ширин бўлса, тилини тийиб юрсин! — у Бурсабонинг кўзларида қўрқувни кўриб майинроқ гапира бошлади. — Мен қандай шафқатсиз эканлигимни сен ҳеч хаёлингга келтирганмисан? Довуд кулишга ҳаракат қилди, лекин унинг юрагида шиддатли истак алангаланди, бутун борлиғи, Бурсабо сенга тегишли бўлиши керак, деб айтарди. — Жонгинам, эшит. Фараз қилайлик, кимдир бу кеча ҳақида миш-миш тарқатди. Лекин ўзинг ўйлаб кўр, бирон руҳоний мени айбдор қилиб кўрсатишга ҳадди сиғадими? — Натаннинг ҳадди сиғади. — Натан мени билади. У ҳар қандай миш-мишни тўхтатади, улар ёлғон эканлигини айтади, уларнинг гапларига эътибор бермайди. Бундан ташқари, ким қўриқчининг, чўрининг гапига ишонади? — Довуд Бурсабони ўпиб, унинг юзидаги кўз ёшларини артди. — Менга ишонавер. Ҳеч ким сенга зиён келтиришига мен йўл қўймайман. Қасам ичаман! — Довуд, мен сенга ҳар доим ишонганман. Отамнинг айтишича, сен сўзида турадиган одамсан. Довуд ич-ичидан титраб кетди, лекин шу заҳотиёқ юрагида ғазаб уйғонди, бу билан ўзини ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлди. Нега энди у кўнгли истаган аёл билан ўтказган бир кеча учун ўзини айбдор деб ҳисоблаши керак экан? Бу сирдан қандай зиён бўлиши мумкин? У — шоҳ. Наҳотки у озгина бўлса ҳам бахтли бўлиш-га арзимайди? Шоҳлар нима исташса, ўшани олишади. Нега у шундай қилолмас экан? Ҳамма Исроил қабилаларининг бошини бир жойга қовуштиришга ким кўпроқ ҳаракат қилди? Ким Гўлиётни ўлдирди? Исроил қўшинини мустаҳкамлаган ким? Халқ уни севгани учун ким ноҳақлик билан айбдор бўлиб таъқиб остида юрди? Ким шунча йил Худони улуғлади? Шундай экан, ётоқхонасида нима иш билан шуғулланиши унинг шахсий иши! Лекин Довуд, барибир шу кеча ҳақида ҳеч ким билмаса яхши бўларди, деб биларди. У эски қадрдони Элиёмни ўйлар эди. У энг яхши маслаҳатчиси Ахитофел ҳақида ўйларди. У жасур жангчи Уриё ҳақида ўйлар эди. Агар у Бурсабо билан тунни бирга ўтказганини билиб қолишса, ғазабланиши тайин. Учалови ҳам Худонинг эр йигитлари эдилар, қонуннинг ҳар бир нуқтасигача амал қилишарди. Мусонинг қонуни эса бузуқликка фақат ўлим жазоси берар эди. Бурсабо қандай балога гирифтор бўлганини Довуд хаёлига келтирганда, қўрқиб кетди. Лекин шу заҳотиёқ ўзининг шоҳ эканлигини эслаб хавотирли хаёлларни ўзидан узоқлаштирди. У севган аёлга ким ҳам зиён келтириши мумкин? — Бурсабо, ҳеч ким сенга тош отолмайди. Агар кимдир Бурсабога зиён келтирса ўша одамнинг ўлими тайин. Лекин Довуд айнан ўзи зиён етказганини хаёлига ҳам келтир-мас эди. * * * Бурсабо: «Довуд яна чақирсайди» деб кутди, лекин у ҳа деганда чақиравермади. Бурсабо сарой томини кузатарди, лекин шоҳ кўринмасди. У Довуд ҳақида айтилган ҳар бир сўзни илиб оларди. Лекин эшитганларининг ҳаммаси бир хил: «Шоҳ саройида дам оляпти, биз-нинг эрларимиз эса Рабба яқинида оммонлар билан жанг қиляпти!» — Бу уруш — биз учун, — дерди Бурсабо Довудни ҳимоя қилиб. — Агар Довуднинг элчиларини оммонлар ҳақорат қилишса, улар Довудни кучсиз деб ҳисоблаб, Қуддусга ҳужум қилишади. Бу ерда жанг қилганларидан кўра Раббада жанг қилганлари яхшироқ. Бурсабо: «Довуд сарой ишлари билан банд», деб ўзини овутар эди, лекин унинг кўнглида рашк туйғуси аланга оларди. Уни ўз хаёллари қийнар эди. Ҳозир ким унинг қучоғида экан? Ахиноямнингми? Обигайлнингми? Ёки Довуднинг хотинлари ва канизакларига бўлган ишқибозлиги сўндимикин? Саройнинг кунгурадор деворларида сайр қилиб юрган, келишган шоҳни кузатаётган яна қанчадан қанча аёллар унинг тўшагини иситишни орзу қилиб юри-шибди экан? Бурсабо ёшлигида тенгқурлари Довудга ўзи сингари қандай суқланиб қарашаётганини, унга етишишни орзу қилганларини эслади. Довуд қайси аёлни истаса, унга етишиши мумкин эди! Вақт ўтаверди, Бурсабони энди қўрқув ва пушаймон қамраб олди. Агарда ўша куни у уйига қочиб кетганда эди, агарда у уятсизларча ювинишни давом эттирмаганда эди, оғир изтироб чекиб… Шундай бўлса-да, Бурсабо ўзидан бошқа ҳеч кимни айбламас эди. У ўз ихтиёри билан Довуднинг ёнига борди. Бурсабонинг ўйлашича, Довудга бўлган севгиси ўз ихтиёрини унга топширганини оқлаши мумкин эди. Бурсабо Довудни «худо» деб қабул қиларди. Нега у ўз ихтиёрини шоҳга топширишдан олдин, қонун ҳақида ўйлаб кўрмади? Ҳа, шоҳ унга ҳеч қандай гап тегмаслигига ишонтирганди. Агар руҳоний Довудни қонунни бузганликда айбласа, Довудни қўлидан нималар келади? Бурсабо Довуд билан бирга бўлганини одамлар билиб қолишса, улар шубҳасиз, айб Бурсабода эканлигини осонликча англаб етишади. Довуд — ҳамма яхши кўрган ва ҳурмат қозонган шоҳ. Бурсабо-чи — оддий ожиза аёл. Хиёнат! Аёл хиёнат қилиб гуноҳга ботди! Уни дунёга келтирган онаси, ота-боболари Мусонинг қонунига оғишмай риоя қилиб келишса-ю, Бурсабо гуноҳга қадам қўйса-я? Бу нима деган гап?! Мободо, қилган гуноҳимдан улар хабар топишса, мени шубҳасиз, ўлдиришади! Орадан бир ҳафта, кейин иккинчиси, сўнг учинчиси ўтди. Лекин ҳеч ким Бурсабони шоҳ саройига таклиф қилиб келмади. Довуд уни унутмагани тўғрисида ҳеч қандай белги, нишона йўқ. Шоҳ ундан осонликча воз кечиб юборди-я! Орадан бир ой ўтгач, Бурсабо ваҳимага тушди. Шунча йил давомида Уриёдан ҳомиладор бўлишга муяссар бўлмаган аёл, бир кеча Довуд билан бирга бўлиб, оғир оёқлигини пайқаб қолса бўладими! Нега энди айнан ҳозир? Нега энди шундай вазиятда? Энди у нима қила олади? Наҳотки Бурсабо Довуднинг нозик эркалашини дўстона қабул қилди? Наҳотки у шоҳнинг кўзларида севги, муҳаббатни кўрдим, деб алданиб қолди? Агарда Довуд чинакамига шу аёлни севиб қолган бўлса, нега энди уни ўз ҳузурига чорламаяпти? Ёки ҳеч бўлмаса, бирор хабар жўнатмаяпти? Бир оғиз сўз ҳам йўқ! Шоҳ мени севмайди! Бурсабо қўллари билан бошларини сиқди. Еттита хотин, ўнта канизак! Бурсабо Довудга керакми? Бир кеча у билан бирга бўлиб, хомиладор эканлигини шоҳ қандай қабул қилар экан? Бир неча ойдан кейин у зино қилганини ҳамма билади. Хизматкори унинг хомиладорлигини, боланинг отаси кимлигини билади. Ҳадемай Бур-сабодаги ўзгаришни онаси ҳам сезади. Ҳадемай хоҳ у эркак бўлсин, аёл ёки бола бўлишидан қатъий назар, бир боқишдаёқ унинг сиридан бохабар бўлишади. Бурсабо қўрқувдан титраб, қўлларини қорнига қўйди. Ҳам завқ, ҳам даҳшат унинг қалбини тилка-пора қиларди. Қорнида шоҳнинг боласи, оддий шоҳнинг эмас, балки шоҳ Довуднинг — болаликдан ёктириб, орзу қилган қаҳрамоннинг зурриёти! Забурчи Довуднинг, барча халқларни забт этган шоҳнинг фарзанди! Бурсабо учун Довуд «худо» каби эди. Бирдан қаттиқ оғриқ аёлнинг юрагига ханжардай санчилди. У ўша мудҳиш кечада Довуд турган қасрнинг деворларига қаради. Бурсабо, хомиладор бўлсам қанчалар бахтли бўлардим, бу ҳурсандчиликдан ота-онам, севикли эрим ҳам қанчалар қувонишарди, деб орзу қилган эди. У умри бино бўлиб ҳозиргидай қўрқувга, умидсизликка тушмаган эди! Наҳотки унинг йиллар давомида юрагидаги Довудга нисбатан севгиси хомиласининг асосий сабабчиси бўлди? Энди фақатгина шоҳ Бурсабони иккови қилган гуноҳдан қутқариши мумкин. Аммо шоҳ буни хоҳлармикан? Бир томондан, Довуднинг лоқайдлиги Бурсабони қийнаётган бўлса, иккинчидан, эри Уриё у қилган ҳиёнатдан хабар топгач, қандай йўл тутишини ўйлаб сиқиларди. Қандай қилиб Бурсабо ўзини оқласин? Довуд уни саройга зўрлаб олиб келмаган эди-ку! Бурсабо ҳеч қачон Уриёни камситишни хоҳламаган эди. Уриё — меҳрибон инсон, сахий эр. Лекин унинг эркалашлари Бурсабонинг иштиёқини қўзғатмас эди. Довуднинг қучоғида эса у эриб кетди. Кўнгил суйган эркакнинг севгисини хоҳлаш ёмонми? Наҳот унинг бир кечалик севги ва бахтга ҳақи бўлмаса? Наҳотки ёлғиз бир кеча унинг ҳаётига зомин бўлса? Бу адолатсизлик! Бурсабо Уриё учун яратилган эмас. У Довудга аталган эди. Демак,, бу ҳолат бир неча соатлик кўнгилхушликни тўла-тўкис оқлаган бўларди. Аёлнинг ўйлашича, Довуд билан бирга ўтган бу кеча бир умрга ажойиб хотира бўлиб қолишини жуда-жуда истарди! Аммо бунинг акси бўлиб чиқди, у қайғуга ботган эди. Бурсабонинг юрагида Довудга нисбатан пайдо бўлган севги олови барча орзу-умидларини саробга айлантирди. У ўзини ёлғиз ҳисобларди, келажак ҳаёти эса дўзахдай туюларди. Довудга бўлган севгиси жўш урарди. Чанқаган одамга муздай сув хуш келгандай, ўзининг тақдири ихтиёрини шоҳ Довудга топширди. Мана энди Бурсабо муҳаббат оташида ёнарди, ҳеч қачон у ўзини бунчалик ёлғиз хис этмаган эди. Аммо ўзга чора йўқ. Бир кечалик севги унга шунчалар қимматга тушдими? Ягона кеча уни яна қанча синовларга мубтало этади? Унинг яқинларига, у яхши кўрган одамларнинг бошига бу кеча қандай савдолар солади? Бурсабо бу хақда олдин ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Унинг қилган гуноҳидан қарин-дошлари хабар топгандан кўра, аёлнинг ўлгани яхши эди! Ўз жонига қасд қилиш Бурсабонинг қўлидан келармикан? Бурсабо титраб, қўлини яна қорнига қўйди. Агар у ўлса, Довуд-нинг боласи ҳам нобуд бўлади. Турли хаёллар уни тилка-пора қиларди. Аёлнинг жисмида янги бир ҳаёт бошланганидан у қувонар эди. Бурсабонинг истаги — бу чақалоқ тўғрисида ҳамма билишидан олдинроқ ўзи қилган гуноҳдан поклаш. Бола хиёнат орқали орттирилганини ҳамма билади. Мана бир неча ойдан бери эри Уриё урушда. Қандай қилиб аёл киши ўзини оқлаши мумкин? Бурсабо тош кўтариб, ғазаб билан уни ўраб турган оломонни кўз олдига келтирди. Онасининг хафсаласи пир бўлиб, алам билан маъюс қизига боқиб турганини тасаввур қилди. Аёлнинг дилидагини онасидан бошқа ҳеч ким билмайди. Она анчадан бери қизининг Довудга кўнгли борлигини биларди. Бурсабога, шоҳни унут, деб бир ёқлама севгидан воз кечишини маслаҳат бермаганмиди?! Эрига содиқ, вафодор бўлишини онаси қайта-қайта такрорламаганмиди?! Ҳеч ким шоҳни айбламайди, гуноҳкор, деб ҳамма Бурсабони айтади. Бирор кимса аёлга энди ёрдам қўлини чўзмайди. Довуддан ташқари ҳеч ким! Лекин шоҳ унга ёрдам беришни лозим топармикин? Бурсабо қўлларини қорнидан тушириб, тиззаларини қучоқлади. Довуд унга, сенга гап текизмайман, деб ваъда қилмаганмиди?! Онт ичмаганмиди?! Шоҳ берган сўзидан қайтмайдиган инсон эмасмиди?! Бурсабо Уриёдан келган хатдан бир парчасини йиртди. Довуд унга ёрдам беради. Унга ёрдам бериши шарт! Бурсабо шоҳга қисқагина хат ёзди. Ихчам қилиб ўраб, устидан ип билан боғлади. Сўнг чўрисини чақиртирди. — Бу хатни олгин-да, шоҳга олиб бориб бер! — Агар мени қўриқчилар ичкарига қўймаса-чи? — Йўрамни сўрагин. Бу хатни унга бергин-да, шахсан бекамдан шоҳга экан, деб айтгин. — Хўп бўлади, бекам. Бурсабо эшикни ёпиб, пешонасини эшикка тиради. Кўз олдига фақат даҳшатли воқеалар кўринаверди. Шубҳасиз, Довуд Бурсабога ёрдам беришни ўзининг бурчи, деб ўйлайди. Шубҳасиз, у Элиёмнинг қизини, Ахитофелнинг набирасини ташлаб қўймайди! Шубҳасиз, хотини қилган гуноҳни Уриё эшитмаслигига Довуд харакат қилади. Аммо бунинг учун нима қилиши мумкин? Нима? Бола туғилгунча Довуд уни бошқа шаҳарда беркита олармикин?! Бурсабони қаерга жўнатар экан? Қаерга? Ҳой, Довуд, менга ёрдам бер! Ўтинаман, менга ёрдам бер! Бурсабо ўз ҳаёти учун шоҳнинг бефарқ қолишига ишонгиси келмасди. Наҳотки шундай қалтис йўл тутиб Бурсабони саройга чақиртириб, у билан бирга бўлиб, энди аёлга лоқайдлик қилса? Бу муаммони бартараф қилиш учун Довуд нима қилади? Ҳавотирликдан толиққан Бурсабо ўтирган жойида деворга суянди. Уни кутишдан ўзга чораси йўқ эди. Ҳаёт-мамоти шоҳнинг ихтиёрида эди. * * * Соқчи шоҳга пичирлаб гапирганда, Довуднинг устидан муздай сув қуйилгандай бўлди: — Уриёнинг хотини Бурсабонинг чўриси хат келтирди. Бурсабо исмини эшитгач, шоҳнинг қалбидаги туйғулар жўш уриб кетди. Бошқа бирон аёлни Довуд Бурсабочалик хоҳламасди. Сўнгги кунларда бир неча бор уни ҳузурига чақиртирмоқчи бўлди, лекин сирлари ошкор бўлиб қолишидан чўчиб ўзини тийди. Бурсабо — энг яқин дўстининг хотини, кўзга кўринган лашкарбошининг қизи. Қолаверса, Ахитофелнинг набираси эканлигини қайта-қайта Довуд ўзига ўзи эслатиб турди. Уларни шоҳ ниҳоятда ҳурмат қилади! Шусиз ҳам Довуднинг муаммолари кўп, яна етмагандай, яқин дўстларини ўзига душман қилиб олсинми?! — Чўрини ҳузуримга чақиртир, — деб буйруқ берди шоҳ соқчига. Тўпланганлар, Довуд хатни қачон очар экан, деб синчковлик билан кузатиб туришарди. Бурсабонинг қисқа хатини ўқиб, шоҳнинг юраги бўғзига тиқилиб қолди. У гоҳ қизариб, гоҳ оқарарди. Фақат икки сўз бошига тўқмоқ билан ургандай унинг капалагини учирди, юзида хурсандчиликдан асар ҳам қолмади. Мен ҳомиладорман. Бу сўзларда Довуд айбловни ва Бурсабонинг ёрдамга муҳтожлигини англади. Қовоғини солиб, хатни ғижимлади. Гуноҳкорлик ҳисси вужудини қамраб олди. Эҳ, Бурсабо! Шоҳ унга берган ваъдасини эслади, қандай қилиб ёрдам бериш мумкинлигини ўйлади. Чўри қиз эшик олдида шоҳнинг жавобини кутиб турарди. Эркаклар ўгирилиб, бир бирлари билан пичир-пичир қилаётганларини Довуд кўрди. Ана, гап-сўз бошланди! Унинг қулоғига кинояли гаплар эшитилди. Бу пичир-пичир бақириқ, қонли жазога айланиб кетмасмикан? Шоҳ билан Бурсабо қилмишларига яраша жазо олишлари керакми, ахир? Уларнинг бирга бўлганлари ҳаммага овоза бўлган тақдирда, жазони иккиси ҳам олиши муқаррар. Довуд ўйлаб кўриб, бирор қарорга келиши учун вақт керак! Шоҳ Бурсабонинг хатини ғижимлади, тахтга суяниб табассум билан олдига иш юзасидан келган навбатдаги эркакни чорлади. Сабрсизлик билан унинг арзини тинглаб жавоб қайтарди. Лекин аризачи олган жавобидан қониқмади. Ўзи Бурсабо хавф остида бўлсаю арзимаган тортишувларни ҳал этиш шоҳнинг юрагига сиғадими?! Довуд севгилиси Бурсабони қутқариш йўлини топиши керак. Бордию гуноҳни яшириш чорасини топа олмаса, унда аскар-ларининг унга нисбатан ишончи-эътиқоди йўқолади. Ишонч йўқолди дегани — бу қўзғолон кўтариш деганини англатади. — Бўлди, бас! — Довуд ўрнидан турди, қўли билан хизматкорини четга сурди. — Мен ёлғиз қолишни истайман. Довуд бошқа хонага кириб, эшикни тамбалади. Ғижимланган хат-ни оловга ташлаб ёниб тугашини кузатиб турди. Бир соат бошини ушлаганича ёлғиз ўтирди, сўнг бир қарорга келгандай бўлди. Унинг ўйлаб топган чораси, биринчидан, Бурсабо билан ўзини қутқаради, иккинчидан — дўстларини хурсанд қилиб, байрам уюштиришларига сабаб бўлади. Довуд ўзининг топқирлигидан жилмайди, дарров Йўрамни чақиртирди. — Раббадаги Йўабга нома юбор, у менинг ҳузуримга хеттлик Уриёни жўнатсин. Йўрам таъзим қилиб, шоҳ ҳузуридан чиқди. Довуд бошқача кайфият билан бошидаги тожини ечиб ўриндиқнинг устига ташлади. Сўнг сочларини силади. Бурсабони чақириб, тузган режасини унга айтмоқчи бўлди, лекин ўзини босди. Яна бир марта ўзини хавф-хатарга қўйишнинг нима кераги бор?! Устига устак, ҳали яна бир ҳафта вақти бўлса. Уриё Қуддусга қайтганда, шоҳ уни оддий аскар каби эмас, балки Довудга муҳим хабар келтирган чопардай кутиб олади. Шоҳ Раббадаги воқеалардан хабар топмоқчидай бўлади. Сўнг Уриёни хотинининг олдига жўнатади. Бурсабо Ахитофелнинг набираси бўлади. Шундай экан, у зудлик билан нима қилишини билади, унга юклатилган вазифани бажаради. Яхши хизмати учун деб, Довуд уларнинг уйига ҳатто озиқ-овқат, мусаллас ва ширинликлар жўнатади. Ҳар қандай узоқ сафарда бўлган эркак каби, Уриё ҳам эҳтирос билан хотинини хоҳлаб қолади. Довуднинг юраги рашкдан ёнди, қўлларини мушт қилди. Режа ниҳоятда жирканч бўлса ҳам, унда англашилмовчилик йўқ. Бурсабони шоҳдан ўзга эркак билан ётишини кўз олдига келтирган Довуднинг ичини ит тирнарди. Аммо айнан шу эркак Бурсабо билан унинг фарзанди ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Шундай қилган такдирда, улар оғир вазиятдан осонгина чиқиб кетади. Уриё хотини хиёнат қилганини, дўсти бўлмиш Довуд хотинига кўз олайтириб йўлдан урганини ҳеч қачон билмайди. Шоҳ эса боланинг отаси эканидан, қолганларнинг кўз ўнгида эса ҳурмат-эътиборли, қонунларга тўла-тўкис риоя қиладиган инсон эканидан ўзини ўзи овутиб юраверади. Довуд муштларини ёзиб оғир уҳ тортди. Шоҳнинг режасидаги ролни бажариш учун Уриёга бир кеча кифоя, ундан кейин у яна Раббага ўз хизмат бурчини давом эттириш учун жўнайди. Бир неча ҳафта ўтгач, Бурсабо эрига чопар орқали ҳомиладорлиги тўғрисидаги хушхабарни жўнатади. Қароргоҳда Уриё бу қувончли хабарни дўстлари билан нишонлайди. Шундай қарорга келиб, Довуд ўриндиғига чўзилди, кечгача қотиб ухлади. * * * Чўри эшикни очди, Бурсабо ўрнидан сакраб турди. — Қандай янгилик бор? Чўри қиз уялганидан кўзларини пирпиратди. — Соқчи мени шоҳнинг саройига олиб кирди. Бурсабо бўшашиб, боши айланганини сезди. Шоҳ унинг хатини олаётганини қанча одам кўрди экан? Энди қандай ғийбатлар бўлар экан? У ўзига бошқа савол бермади. Нима бўлганини аёл билишни истамади. — Йўрам, бу хатни ким берганини айтасан, деб менга дўқ урди, — деди йиғлаб чўри. — Бекам, мен унга айтишим шарт эди. Ҳа, шарт эди! Лекин мен секингина гапирдим. Паст овозда гапирганим учун у эшитмади. Мен томон эгилиб, яна бир бор қайтариб айтишимни буюрди. Кейин хатни мендан олиб, шоҳга узатди. — Шоҳга хат кимданлигини ҳаммага эшиттириб айтдими? Чўрининг ранги оқариб кетди. — Йўқ, қулоғига секингина айтди. Нима бўлган тақдирда ҳам Бурсабо ўзига зиён етказди. У сесканиб кетди. — Хатни Йўрам сенинг қўлингдан олдими? — Ҳа, бекам. — Кейин Довудга бердими? — Худди шундай. — Кейин шоҳ сени чақиртирдими? Менга жавоб хати бердими? У сенга бирор гап айтдими? — Йўқ, бекам. Бизларга ҳамма қараб турган эди, қандай қилиб шоҳ бир нима дейди?! Одамлар, нима бўлди, деб сўрашлари мумкин? Кейин шоҳ чақиртирди… — Чақиртирди? Кимни? — Ҳузурига иш билан келган навбатдаги одамни. Бурсабо тескари қаради. — Кетишинг мумкин. — Оҳ, бекам… — Бор, жўна! Ёлғиз қолган Бурсабо ерга ўтириб, қўллари билан юзини беркитди. Довудни севганига аттанг қилай деса, энди жуда кеч. Бир оғиз «йўқ» демай, ўзини унинг ихтиёрига топширганидан пушаймон бўлса ҳам, жуда кеч! Энди ягона йўл — бу кутиш, Довуднинг ваъдасини кутиш! Бурсабо»: Балки шоҳ мени ҳозирча эсламасликни афзал кўргандир», деб ўйлади. Учинчи боб Тахтга яқин келиб қолган Уриёга шоҳ синчковлик билан тикилди. У новчадан келган, кенг елкали, очиқ ша-молда кўп юрганидан, юзларининг териси қовжираб дағаллашган, оғиз чизиғи унинг табиатан қатъиятлилигидан далолат бериб туради. Аскар бошидаги дубулғасини ечиб, қўлтиғида қисиб турарди. Довуд Уриёнинг чак-каларидаги оқ сочларига боқди. У тахт ёнида тўхтаб, қўлини кўкрагига қўйди-да, қуллуқ қилди. — Ассалому алайкум, шоҳим! Хеттлик аскар қаддини ростлагач, Довуд ҳурмат юзасидан бошини эгди. Зотан, унинг қаршисида садоқатли, жасур, ҳамма қўмондонлар ва лашкарбошилар, ҳатто шоҳ ардоғида бўлган инсон турарди. Довуд Уриёнинг кўзларида қизиқувчанлик белгисини пайқамади. Уриё бошлиқларнинг хар қандай топшириғини сўзсиз бажарадиган моҳир аскар ҳисобланади. Довуд: «Мен Уриёга нимани буюрсам, у ҳаммасини бажаради», деб ўйларди. Довуд бироз бўшашиб, ўзини орқага ташлаб, тахтнинг ўриндиғига суянди. Ўйлаб қўйган режаси осонликча амалга ошишига у ишонарди. — Йўабнинг аҳволлари қалай? Лашкарлар ҳақида, эришилган ютуқлар тўғрисида сўзлаб бер. — Ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида, шоҳим. Уриё Йўаб ва Абушай бошчилигидаги ҳарбий харакатлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Раббадаги холатни у тўла-тўкис тасвирлаб берди. Исроилликлар ва оммонлар тўқнашувида оммонлар «думини ит каби қисиб қочгани» тўғрисида ҳам сўзлаб берди. Довуд ҳам Уриёга қўшилишиб кулди. Ўтган йили Довуд Адриазар ва унинг иттифоқчиларига зарба бергандан кейин, ҳамма халқлар ваҳима ва қўрқувда яшаётганлари тўғрисида ҳам Уриё гапириб ўтди. — Оммон мамлакати ёлғизланиб қолди. Бу ҳам вақтинчалик, холос. Рабба шаҳри қулагандан кейин, Оммоннинг тожи сизнинг қўлингизда бўлади. Довуд кулиб, унинг гапларини боши билан маъқуллади. Уриёнинг гапини диққат билан тинглаётган бошқа эркакларга шоҳ назар солди. Сўнг яна ўз аскарига қаради. Шоҳ унга нисбатан ўз ҳимматини кўрсатиш вақти келди. — Дўстим, сен ҳозирча Қуддусда ушланиб қолишинг мумкин. Уриё ковоғини солди, лекин ҳурмат юзасидан бошини эгиб деди: — Раҳмат, шоҳим! Уриё қўлини кўксига қўйиб яна бир бор қуллуқ қилди, қаддини ростлаб ўгирилди. Унинг харакатлари моҳир жангчилигидан далолат бериб турарди. Уриё шахдам қадам ташлаб шоҳнинг ҳузуридан кетар экан, уни кузатиб турган Довуднинг рашки қўзғади. — Йўрам! — деб чақирди Довуд соқчини. — Айт, Уриё билан унинг хотини учун озиқ-овқатлар, ичмликлар тайёрлашсин, токи икковида ҳам никоҳ тўйидаги нозик ҳиссиётлар уйғонсин, — шоҳ тахтнинг суянчиғини маҳкам сиқди. — Зудлик билан ҳамма нарсаларни тайёрлатиб Уриёнинг уйига жўнат. — Хўп бўлади, шоҳим. Мазали таом ва ичимлик Уриёни бўшаштиради, урушни унутиб кечани ёш хотини қучоғида ўтказади. Куннинг қолганини Довуд олдига турли иш билан келган одамларни қабул қилиб ўтказди. Арпзимаган тортишувлар унинг ғашини келтирарди. Лекин ўзга эркак оғушида ётган Бурсабони ўйлашдан сал бўлса-да чалғитарди. Шоҳ Уриёга фақат бир кечага рухсат беради. Ишини битиргандан, уни Йўабнинг олдига — Раббага жўнатиб юборади. * * * Онаси қудуқ ёнида Бурсабони учратиб унга: «Уриё Қуддусга келибди, у Қуддусга кираётганини одамлар кўрибди», деб айтди. Бурсабо ниҳоятда ҳаяжонланиб кетди. — У Раббадан янгиликлар олиб келгандир, — деди она. Бурсабонинг онаси қизининг ранги оқариб кетганидан бехабар, ўзича тинмай гапирарди. Турли саволлар Бурсабони ҳаёлини алғов-далғов қилиб ташлади. Довуд нима қилмоқчи? Наҳотки Довуд унинг эрига ҳаммасини айтиб берса? Ёки Уриёга: «Хотининг уятсизларча менинг кўз олдимда чўмилди, сўнг мени йўлдан оздирди», деб айбласа? Ёки шоҳнинг бошқа режаси бормикан? Балки шоҳ гуноҳини ювиш учун Уриёга қимматбаҳо совға-саломлар инъом этар? Бурсабо онасига эрини кутиб олиши кераклигини баҳона қилиб, уйига шошиб кетди. Кун бўйи хавотирланиб, уйида у хонадан бу хонага юраверди. Йўрам эшикни тақиллатди, шоҳ хизматкорлари ичкарига патнисларда шоҳона, иштаҳани очадиган таомлар олиб киришганда, Бурсабо гангиб қолди. — Бу нимаси? Албатта Довуд унинг уйига келиб, меҳмон бўлиш ниятида эмас. Чунки қўшнилари кўриб қолиб ғийбат қилишлари мумкин. Унда бутун шаҳар аҳолиси уларнинг хуфёна учрашувидан хабардор бўлиб қолишади-ку! — Уриёга шоҳ тунни ҳузурбахш ўтказишини тилаб, ушбу нарсаларни бериб юборди, — деди Йўаб масхараомуз тиржайиб. — Уриё Раббада жанг қиляпти. — Тўғри, лекин шоҳ Уриёни чақиртирган. Уриё Раббадаги уруш қандай кетаётгани тўғрисида маълумот бериши керак эди. Хўжайиним Уриёга, уйингга бориб, хотининг билан бу кечани бирга ўтказгин, деб изн берди. Йўрамнинг гаплари маъносини тушуниб етган Бурсабо қизариб кетди. — Уриё уйда йўқ. Эри уйга қайтиб келган тақдирда ҳам Бурсабога яқинлашмаган бўларди. Наҳотки Довуд ўз одамларини қандайлигини билмаса? Ёки қонунни эсдан чиқардими? Ҳар қандай урушга чақирилган эркак хотини билан жинсий алоқадан ўзини тияди. Чунки улар бор кучини шаҳвоний хирсни қондиришга эмас, балки Исроил душманларига қарши аёвсиз жанг қилишга асрайди. — Ундай бўлса, мен ҳозир Уриёни топиб, шоҳ унга нисбатан кўрсатаётган илтифотини шахсан етказаман, — деди Йўрам. Йўрам хизматкорларни уйдан чиқариб, ўзи ҳам кетди. Илтифот? Довуд аёлга қандай қилиб ёрдам бермоқчи эканлигини тушунган Бурсабо уялиб кетди. Уриё хотини билан бир кеча бирга бўлишига шоҳ мажбурлайди. Сўнг Уриё бола ўзиники эканлигига ишонади! Мана, қандай йўллар билан Довуд берган ваъдасини бажаряпти? Бурсабони шоҳ яна гуноҳ ботқоғига, ғам-ғуссага ташлаяпти. Довуднинг фикрича, агар Уриё хирсини қондирса, ҳамма одамлар боланинг отаси Уриё эканлигига осонликча ишонишади. Бурсабо эса ҳомиладор бўлганидан ўзини бахтли аёл қилиб кўрсатади. Уриё бўлса урушга кетаётганда, аёл кишига яқин-лашмасликка ичган қасамини бузгани учун виждон азобида қийналаверади. Ана энди Бурсабога шоҳнинг аслида қандай эканлиги аён бўлди. Бутун қўшин урушда жанг қилаётган бир пайтда, Исроил шоҳи ўз қасрида дам олиб ўтирибди. Нима қилишни билмай зерикиб ўтирган шоҳнинг кўзи рўпарасида чўмилаётган Бурсабога тушади. Кўнгилхушлик қилиб, ҳузур-ҳаловат топиш учун уйига чақиртириб олиб келади. Бурсабо бошқа эркакнинг жуфти ҳалоли эканлиги Довудни қизиқтирмади. Бу эркак унинг узоқ ва оғир йиллар давомидаги чин дўсти эди. Шоҳ Шоулдан қочиб юрган оғир кунларда Уриё унинг ёнида бўлган, унга содиқлигини бир неча бор исботлаган, ҳурмат ва иззат-эътиборга сазовор бўлган, жасур ва шавкатли жангчи эди! Ҳа, Бурсабо шоҳ ҳузурига борди, энг қимматли ор-номусини, ихтиёрини унга топширди. Қолган эркаклар Уриё каби Исроил душманлари устидан ғалаба қозониш учун ўзларининг ҳаётини хавф остига қўйиб жанг қилишаётган бир пайтда, шоҳ саройда ўзганинг хотини билан айш-ишрат қилиб ётса! Уриё уйга келганда, Бурсабо қандай қилиб уни кутиб олади? Қай кўз билан унинг юзига қарайди? Нега унга ҳиёнат қилди? Шоҳ Бурсабони, енгилоёқ аёл каби бир кечалик эҳтироссиз яшай олмайди, деб ўйладими? Шоҳ ундан бир лаҳзалик ҳирсини қондириш учун фойдаланди. Бурсабо шоҳ учун ҳеч ким эмас. Аёл унга хат жўнатмагунча, у ҳақда эслаш Довуднинг ҳаёлига ҳам келмагандир! Наҳотки у бошига шунча кулфат келтираётган ҳомиласини энди қарғаса? — Нима қилиб қўйдим! — Бурсабо у ёқдан бу ёққа юрар, ўзини қўйгани жой тополмас эди. — Вой, нима қилиб қўйдим-а? Йўрам қайтиб келди. — Эрингиз шоҳнинг эшиги олдида Довуднинг хизматкорлари билан ўтирибди. Мен унга шоҳнинг кўрсатган илтифотини етказдим, — деди Йўрам Бурсабога яқинроқ келиб. — Сиз унинг олдига боринг, бекам. Қандай қилиб бўлса ҳам уни уйга олиб келиб, кечани бирга ўтказинг. Шоҳ шундай қилишингизни хоҳлайди. Шоҳ хоҳлайди… Агар Бурсабо унга юклатилган режани бажарса, шоҳнинг обрў-эътиборига ҳар хил шармандали гап-сўзлар путур етказмайди, туғи-ладиган бола ҳам хавф-хатардан йироқда бўлади, Уриё бўлса ҳеч қачон ҳақиқатни билмай қолаверади. Бурсабо ўзини покиза, эрига содиқ, вафодор хотин қилиб кўрсатиб юраверади. Орзиқиб кутган фарзанди ҳам ёнида бўлади. Бурсабонинг бошидан ўтганини одамлар тушунмайди. Чунки у узоқ йиллар давомида сажда қилиб келган шоҳ ярамас, аҳлоқсиз бўлиб чиқди. Бурсабонинг назари-да Довуд энди истеъдодли, Гўлиётни мағлуб қилиб халқни бирлаштирган, ҳурмат қозонган шоҳ эмас! Ҳозирда у бойлик талтайтирган, ёвуз ва ёлғончи шоҳга айланган. Бурсабо ўзини жирканч, ожиз ҳис этарди. Довуд унга шармандаликдан қутқарилиш чорасини кўрсатди. Агарда «йўқ» деса, у ўлимга маҳкум. Унда боласи ҳам нобуд бўлади. — Бор, — деди аёл секингина Йўрамга. — Ҳозироқ кет, мен бажаришим керак бўлган ишни қилишим керак. Соқчилар кетгач, Бурсабо эшикни ёпди. Чўрисига кечасиликка жавоб берди. Сўнг ёпинчиғини олиб уйдан чиқди. Қоронғулик ҳар томондан сиқиб келаётганини аёл сезиб турарди. Шоҳнинг нигоҳи чўмилаётган пайтда унга тушган эди. Бундай вазиятда бошқача йўл тутиши мумкин эди-ку! Бурсабо ой ёритиб турган кўчадан ўтар экан, шоҳ ўша куни унга тикилиб турган деворга қаради. Ҳатто ҳозир ҳам аёлнинг шоҳга нисбатан ҳис-туйғуси ўзгармади. Нега энди гап-сўз бўлишидан қўрқса-да, барибир Довудни олдингидай қаттиқ севади? Хаёл билан бўлиб Бурсабо сарой дарвозасига яқинлашиб қолганини сезмади. Дарвоза ёпиқ, қўриқчиларнинг ҳар бири ўрниларида турарди. Бурсабо секингина юрса-да, юраги қаттиқ урарди. Қўриқчилар ундан: «Кимсан? Нимага келдинг?» деб сўрашармикан? Аскар-лар орасида уни олдиндан таниган ёки эриникида кўрганлар бормикан? Икки соқчи унга пешвоз чиқди. — Эй аёл ! Бемаҳалда нега келдинг? — Мен Уриёнинг хотини Бурсабоман. Менга эримнинг Раббадан қайтганлигини айтишди. — Уриё шоҳ аскарлари билан ҳовлида ухлаб ётибди. У дўстлар орасида. Бундай совуқ жавобдан Бурсабо қотиб қолди. Аёлларга ўхшаб эркаклар ҳам ғийбат қилармикан? Сарой хизматкорлари орасида гап-сўз юрибдимикан? Шундай бўлган тақдирда ҳам, ким Уриёга, хотининг шоҳ билан, қолаверса, ўзингнинг дўстинг билан зино қилди, деб чақиб бериши мумкин? — Мен унга сен келганингни айтаман, — деди соқчилардан бири ва нари кетди. Бошқаси индамай ўз ўрнига бориб турди. Аммо Бурсабонинг юзига қарамади. Аёл гап нимадалигини пайқади. Шоҳ ва Бурсабонинг хуфёна алоқасидан унинг хабари бор. Бу ҳақда яна қанча одам билар экан? Бурсабо юзидаги ёпинчиғини очмай, эрини кутарди. Шаҳар аҳолиси ширин уйқуда, фақат икки соқчи ухламаган. Аёлнинг хаёлида барча шаҳар аҳли унга тикилиб тургандай, уларнинг нигоҳи худди ханжарга ўхшайди. Ўткир тиғлар юракни тилка-пора қилгандай туюларди. Гарчи Бурсабо ҳаммадан яширинмоқчи бўлса-да, бунинг иложи йўқ. Дарвозалар очилиб, соқчи кўринди. Соқчининг кетидан Уриё келяпти. Эри яқинлашгани сари унинг юраги янада қаттиқроқ гупиллаб ура бошлади. Аёл дарвозадан нари кетиб, ўзини панароқ жойга олди. Шу ерда эри билан ҳоли гаплашмоқчи бўлди. Эри тўхтаганда, Бурсабо унинг кўзларида безовталикни англади. Уриё эса индамай хотинининг юзига қараб тураверарди. — Шоҳ сизни марҳаматлаб уйимизга турли ноз-неъматлар жўнатибди, — деди Бурсабо титроқ овоз билан. Уриёнинг кўзлари чақнади, лаблари гезарди. Буни кўрган Бурсабони совуқ тер босди. У пайқаб қолдимикан? Эрининг юзи тошдай қотди. — Шундай, — деди Уриё ва бошқа бир оғиз сўз ҳам айтмади. У билади! Эрининг қаттиқ жаҳли чиққанини кўрган Бурсабо ўзини Уриёнинг оёқларига ташлаб, шу тариқа ўлиб қўя қолгиси келди. Хотини зино қилганини билиш эр учун қандай кулфат! Тағин ким билан денг? Яқин дўсти, кўп йиллардан буён сидқидилдан хизмат қилиб келган шоҳ билан! Ундан кўра хотин эрининг белидаги ханжарини қинидан суғуриб, Уриёнинг юрагига санчса бўлмасмиди?! Бурсабонинг то-моғига бир нарса тиқилиб, нафаси қайтди. Мен нима қилишим мумкин? Аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди, қўл-оёғи бўшашиб, бошидаги ёпинчиғи елкасига сирпаниб тушди. — Оҳ, Уриё… Бурсабо бошқа ҳеч нима деёлмади. Уят ва дард аламдан у титрарди. — Улар сени шу жойдаёқ ўлдиришимни кутиб туришибди, — деди хириллаб Уриё. — Шундай қилинг… Аёлнинг ҳиёнатини оқлаб бўлармиди? Нима деб ўзини ҳимоя қилиши мумкин? Довудни қанчалар қораламасин, айб фақат унинг бир ўзида эмас-ку! Шоҳ уни зўрламаган, Бурсабо унга етишиш учун эҳтирос билан интилди. Бу интилиш хотинини чинакамига севган Уриё учун жуда қимматга тушди. Бурсабо эгилиб қўлига катта тошни олди ва эрига узатди. — Мени уришга ҳаққингиз бор. Уриё тишини тишига қўйди, кўз ёшлари юзидан оқиб соқолига тушди. У бир қўли билан тошни маҳкам ушлади, иккинчи қўли-ни мушт қилди. Эрининг ҳаёлидан нималар ўтаётганини Бурсабо ҳис қилиб турарди. Охири, Уриё бошини сарак-сарак қилиб, тошни ерга ташлади. Қўлини кўтарган эди, Бурсабо, ҳозир эрим уради, деб қўрқиб кетди. Лекин у хотинининг юзини оҳиста силади. Дағал бармоқлари билан Бурсабонинг юзидаги кўз ёшларини артди, кўзларига тикилди. Бу хотинининг қилган гуноҳини кечирганидан далолат бериб турарди. Бурсабо эрининг қўлларини юзига қўйиб, юзини беркитди. Аммо эри қўлларини астагина тортиб олди. Эри бошини эгиб олганича секингина узоқлашаётганини Бурсабо кўрди. Соқчилар дарвозани очишди, Уриё ичкарига кириб кетди. Бу тунни эри ўзига ўхшаб бутун умрини шоҳга хизмат қилишга бағишлаган аскарлар билан ўтказади. Дарвозалар тамбаланди, соқчилар ўрниларини эгаллашди. Бурсабо эри Уриёни қайтиб бошқа кўрмади. * * * Довуд тирсакқўйгични қаттиқ сиқди. — Нималар деяпсан? Наҳотки Уриё кечани менинг соқчиларим билан ўтказган бўлса? Шоҳ бақирмасдан ўзини тутишга ҳаракат қиларди. Аммо Уриё Бурсабо билан тунни ўтказаётганлигини, хеттлик ўз хотинини эрка-лаётганини Довуд кўз олдига келтирганда, юрагида ғазаб алангаланарди. Қандай қилиб Уриё шохнинг буйруғини писанд қилмасликка журъат этди?! — Мен унга, уйингга кетишинг мумкин, деб айтган эдим. — Шоҳим, Уриё шаҳар дарвозалари ёнида, сизнинг хизматкорларингиз билан ухлади. — Ҳузуримга уни бошлаб кел! Хизматкор кетганда, тўпланганлар ғазабланганимни сезмасин, деб шоҳ ўзини қўлга олишга харакат қилди. У олийжаноблик қилиб, хеттлик аскар юклатилган вазифани бажариши учун яна бир имкон беради. Уриё келгандан кейин, Довуд бошқаларга жавоб берди ва ўзига яқинлашаётган аскарни очиқ чеҳра билан кутиб олди. — Нималар қилиб юрибсан, дўстим? — деб Довуд Уриёга мурожаат қилди. Шоҳ ўз аскари билан хизматкор сифатида эмас, балки қадрдон дўст каби гаплашмоқчи эди. — Нима бўлди? Нега узоқ сафардан сўнг уйингга бормадинг? Уриёнинг кўзлари шоҳга сирли боқарди. — Худонинг Аҳд сандиғи, Исроил ва Яҳудо қўшинлари қароргоҳдаги чодирда, Йўаб ва бошқа лашкарбошилар далада ухлаётган бир пайтда, мен қандай қилиб беҳавотир еб, ичиб, хотиним билан айш-ишрат қила оламан?! Мен берган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман, деб қасам ичганман. Довуд қизариб кетди. Хеттлик аскар унга ачитиб айтяптими? Унинг гапи бўйича, Аҳд сандиғи ва лашкарлар қароргоҳда турган бир пайтда, мен кошонамда кайфу сафо қилиб ўтирган эканман-да?! Довуд хўрсиниб, ўзини босишга, жунбушга келган ҳиссиётларини совутишга харакат қилди, тахтга суянганича, Уриёга тикилди. — Майли, яна бир кечага қол, Раббага эртага қайтарсан. Уриё кетмоқчи бўлиб тараддудланди. Довуд тишини тишига қўйиб, унинг чиқиб кетишини кузатиб турди. Хеттлик аскар бугун шоҳ ҳузурида ўзини номуносиб тутди, у бирор марта ҳам «шоҳим» деб айтмади. Уриё шоҳга илтифот ҳам кўрсатмади-я! Ёки атайлабдан «шоҳим, ҳукмдорим» демадимикан? Кейинги куни эрталаб Йўрам шоҳга: «Уриё, ўзингиз буюрганингиздай, Қуддусда қолди, лекин уйига бормади», деб хабар етказди. Жаҳли чиққан Довуд: «Шоҳона дастурхон тузалсин, Уриё таклиф қилинсин!» деб буюрди. Шоҳ ҳам Уриёга қўшилиб еб, ичиб, уйнинг тўридаги тахтда ўтирарди. Одам қорни тўйиб ширакайф бўлгандан кейин кўнгилхушлик қилгиси келади. Лекин зиёфат кўнгилдагидай бўлмади, чунки Уриё кўп ичиб, кўп гапирарди. Бўлиб ўтган жанглар, кўрсатган қахрамонликлар тўғрисида гапирган сари Довуднинг жаҳли чиқарди. Ҳар бир гапи шоҳга игна санчгандай туюларди. Хўп, шу қахрамон эр-йигитларга ким бошчилик қилган? Довуд! Агарда Довуд уларни бирлаштириб тўғри йўл кўрсатмаганда, ҳаммаси ўғри, кисовур бўлиб кетарди! Навбатдаги қадаҳ сўзини Уриё Довудга бағишлади: — Ушбу қадаҳни оддий чўпон боласини шоҳ даражасига кўтарганимиз учун ичаман, — деб йиғлаб юборди ва пиёладаги қадаҳни симирди. Уриёнинг ўзини тутиши, гаплари, қилиқлари шоҳнинг жонига тегди. Хеттлик қаттиқ маст бўлиб қолди. Сабр косаси тўлган Довуд ўрнидан турди, сўнг Уриёга қўлини узатиб, ўрнидан туришига ёрдам берди. — Қадрдон дўстим, бугунга етарли бўлди, — деди Довуд унинг елкасига қоқиб. — Уйингга борақол энди. Уриё гандираклаб меҳмонхонадан чиқиб кетишини шоҳ кузатиб турди. Кўп вақт ўтмай шоҳ ҳузурига Йўрам кириб келди. — Ҳукмдорим, Уриё яна дарвоза олдида ухлаяпти. — Эрталаб ўзим у билан гаплашаман. Жаҳли чиққан Довуд уйқуга кетди, лекин унинг уйқуси нотинч ўтди. Уйқусида кимдир у билан гаплашмоқчи бўлармиш, Довуд бўлса унга гапирмоқчи бўлган Овозга ҳеч қулоқ солмас эмиш. Довуд инграб уйғониб кетди. Совуқ тердан бутун бадани нам бўлиб кетибди. Бурсабо билан ётган каравотнинг четига ўтирди ва унга берган ваъдамни қандай амалга оширсам экан, деб ўйлай бошлади. Бошини эгиб, иккала қўли орасига олиб маҳкам сиқди. Ўйлаб қўйган режасини Уриё чипакка чиқарди, энди бошқа йўл топиш керак. Бурсабога албатта ёрдам бериши лозим. Афсус, Раббадаги жангларда Уриё ўлмади. Агар у ҳалок бўлганда, ҳеч қандай муаммо ҳам бўлмас эди. Шундай экан, демак уни… Довуд ҳурсанд бўлиб бошини баланд кўтарди. Унинг миясига бошқа, мукаммал ва сўнгги фикр келди. Бу режа туфайли шоҳ ҳаммасидан ортиқ унга керак бўлган Бурсабони қўлга киритади. Довуд ўрнидан туриб қачонлардир ажойиб санолар битган хонтахтанинг олдига келди. У сиёҳ тайёрлади. Сиёҳга патни ботириб лашкарбоши Йўабга мактуб ёзди: «Уриёни қонли жанг бўлаётган жойга олиб бор. Ўзларинг орқага чекининглар, токи душман ўқларидан ҳалок бўлсин». Бу буйруқни Йўаб сўзсиз бажаришини ва сир тутиши кераклигини Довуд биларди. Йўаб ҳақиқий эркакнинг юрагидаги ҳис-туйғуни яхши тушунади. Йўабнинг ўзи ҳам ўч олиш ниятида одам ўлдирган. Довуднинг берган буйруғини Йўаб албатта бажаради, шоҳни айбламайди ҳам. Ҳаттоки Довуднинг айёрлигига ва топқирлигига тан беради. Довуд ёзган мактубни ўраб, мумни эритиб сўрғичлади. Кейин ювинди, кийиниб ташқарига чиқди. — Ҳузуримга хеттлик Уриёни чақириб келинг, — деб буйруқ берди у соқчиларга. Бир неча дақиқадан сўнг Уриё келди. Довуд унинг топ-тоза, кўкрагини кўтариб шахдам келишига назар солди. Кечаги дабдабали базму жамшиддан асар ҳам йўқ. Уриё шоҳнинг қаршисига келиб тўхтади, аммо бир оғиз сўз гапирмади. Кўкрагига қўлини қўйиб, тиз чўкиб салом ҳам бермади. Қуддусга кириб келган куни шоҳнинг ҳурматини жойига қўйган эди. Ҳозир жим туриб, буйруқни кутарди. Довуд унга мактубни узатди. — Буни Йўабга берасан. Уриё Довуднинг ёнига келиб хатни олганда, шоҳнинг юраги баттар тез ура бошлади. Уриёнинг бармоқлари Довуднинг қўлларига тегди. Шоҳ зудлик билан қўлини тортиб олиб, хеттлик аскарнинг кўзларига тикилди. Довуд унинг кўзидаги маъюсликни кўриб, бутун жисми титраб кетди. Қайғу, дард-алам! Тақдирга тан беришдан бошқа чора йўқ! Шоҳнинг содиқ аскари қўлида ўз ўлимига қилинган ҳукмни ушлаб турарди. Уриё хатни қўйнига солди. Сўнг қайрилиб шаҳдам қадамлар билан ҳақиқий жасур аскар каби кетди. Бу билан у яна бир бор шоҳга ўз содиқлигини исботлади. * * * Бурсабо уйига эри тўғрисида келтирилган бундай нохуш хабарни эшитишга тайёр эмас эди. — Эринг Уриё Раббадаги жангда ҳалок бўлди. Аёл қаршисида турган аскарга ҳайрон бўлиб тикилиб қолди. — Нима? — Эринг ҳалок бўлди, — такрорлади йигит. — Оҳ, йўқ! Йўқ! — Бурсабо гандираклаб ўзини ерга ташлади. — Оҳ, бекам, бекам… Уввос тортиб йиғлаётган Бурсабо ўзини қаерга қўйишни билмасди. Бошқа аёллар уйларидан чиқиб, кўча бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юришарди. Бурсабо эса ўз халқининг урф-одатига кўра, уйининг остонасида ўтириб олиб, кўйлаги ёқасини йиртди, бошига кул сочди. Кечга бориб кўплаб аёллар эрлари ҳалок бўлганлигидан хабар топишди. Бурсабонинг ғами ўзига етарли бўлгани учун, нега шунча кўп аскарлар ҳалок бўлибди экан, деб ўйлаб ҳам кўрмади. То онаси келиб айтгунча, ҳамма айб Бурсабода эканлигини, уни турли ёвуз гумонлар қамраб олганини, Раббадаги барча янгиликлар, гап-сўзлар, шоҳнинг саройидан ташқарига — Қуддуснинг жамики кўчаларига ёйилиб кетганидан у бехабар эди. — Холаваччангни эри Мириам ҳам ҳалок бўлибди! Хаваланинг эри ҳам нобуд бўлибди. Раббада фақат сенинг эринг ўлдирилган эмас, — деб онаси Бурсабонинг қаршисида тиз чўкди, кейин диққат билан қизига тикилди: — Қизим, бу нимаси? Қани, жавоб бер-чи! Бурсабо онасининг бесаранжомлик билан ёниб турган кўзларини кўриб довдираб қолди, ўзи ҳам қўрқиб кетди. Онаси нимани назарда тутяпти? Бошқа ўлганларга Бурсабонинг қандайдир алоқаси бормикан? — Раббада нима содир бўлганини мен қаердан билай? Қуддусдан бир неча юз километр нарида қандайдир жанг бўлаётган бўлса, нега онаси унга таъна қилади? Бунга ақл бовар қилмайди! — Одамлар нималар тўғрисида гапираётганини ўзинг билмайсанми? Яширинча қилинган иш бир куни ошкор бўлади. Шоҳнинг мактуби тўғрисида мен айт-чи, Бурсабо. Бурсабо тобора хавотирланиб борарди. — Қандай мактуб ҳақида гапиряпсиз? — Йўаб одамларни Рабба деворлари томон жўнатмасдан олдин олган мактуби ҳақида сўраяпман! Йўаб ҳужум қилиш учун бизнинг аскарларимиз ғалаба қозониши мумкин бўлган заиф жойни танламади. У оммонларнинг жасур жангчилари турган ерни танлади. Улар шаҳардан чиқиб, бизнинг аскарларимизга қаҳшатқич зарба беришди, Довуднинг хизматкорлари ўлдирилди! — деди она қизининг қўлларини қаттиқ сиқиб. — Саройда шоҳга хизмат қилиб юрган амакинг: «Довуд бу нохуш хабарни эшитиб йиғлаб юборса керак», деб ўйлаган экан. Лекин унинг кўзида бир томчи ёш ҳам кўринмабди! Ҳатто ҳайрон ҳам бўлмабди. Менга айт-чи, нима учун шундай бўлди? — Мен қаердан билай! — Бурсабо оғир нафас олар, унинг юзлари ёнарди. — Нега энди мен бирон нарсани билишим керак? — Бурсабо қўлларини тортиб олишга уринди, лекин онасининг қўллари унинг қўлларини маҳкам қисиб тураверди. — Онажон, қўйиб юборинг! Ҳамма ёғим зирқираб оғрияпти! — Менга айт, кўрнамак! Нега энди Йўаб доно лашкарбоши бўла туриб, одамларни шунчалик деворга яқин қўйган? — деб она қизининг қўлини қаттиқ силтади. — Аёл киши девордан ташлаб юборган тегирмон тошининг парчасидан Ёрубболнинг ўғли, шоҳ Абемалах ўлганини Йўаб ҳаммадан яхши билар эди-ку! Бу ҳақда у ҳатто шоҳга мактуб ёзганда ҳам айтиб ўтган! Аёл киши қўли билан ҳалок бўлиш! Во дариғ, эркак киши учун бунданда ортиқ ҳақорат бормикан?! Оҳ, қизим-эй, нималар қилиб қўйдинг-а? Бурсабо гуё ич-эти музлаб кетгандай ҳис қилди ўзини. — Ҳеч нарса! Мен ҳеч нарса қилганим йўқ! — Ҳеч нарса? — деб қайтарди она заҳархандалик билан. — Чопар шоҳга: «Хетлик аскар Уриё ҳам ўлдирилган», деб айтганда, Довуд худди шу хабарни кутиб тургандай мамнун бўлибди! Бурсабонинг юзи оқариб кетди. — Йўқ! — деб чўчиб тушди у. — Йўқ! — деб бошини сарак-сарак қилди. Бурсабо шоҳга қарши қўйилаётган айбга ҳеч ишонгиси келмасди. — Ахир, улар дўст эдилар-ку! — деб у дудуқланиб қолди. — Довуд ҳеч қачон… — Ҳа, Довудми? Сенинг эринг ўлдирилганини эшитган Довуд, биласанми, нима деганини? «Йўабга айтиб қўйинглар, сиқилмасин, чунки душман қиличи дам уни, дам буни енгади», деб айтган. — Она бу сўзларни юзини буриштириб, алам билан гапирди. — Отанг ҳозир ҳам Раббада! — Бундай бўлишини мен билмаган эдим! Мен қаердан билай? Она қизининг қўлларини қўйиб юбориб, ўзини четга олди. — Ҳа, гап-сўзлар тўғри экан-да! — онанинг бахтсизлиги, ҳолдан тойиб қолгани яққол кўриниб турарди. — Бир ой олдин сени шоҳ саройига олиб кетишаётганини кўриб гапирган хотинларнинг гап-ларига мен ишонмай, дўқ-пўписа қилганман. Шоҳ билан сен ҳақингдаги турли овозалар ёлғон бўлиб чиқишини Худодан сўраб илтижо қилган эдим. Ўша хотинларга, бундай ёлғонни бошқа гапирманглар, деган эдим. Ёлғон! Фурсат келганда шундай йўл тутишингни мен билишим керак эди! Бурсабо худди қаттиқ тепки егандай бақириб юборди. Қўллари билан бошини ушлаб ғужанак бўлиб ётиб олди. — Вой, оҳ-воей! — деб инграб тебранарди она. — Бизларни қандай аҳволга солиб қўйдинг-а? Оҳ… Бурсабо фиғону нола билан бўзлаб, ҳамма бўлиб ўтган воқеаларни онасига сўзлаб берди. — Довуд айвонида туриб мен чўмилаётганимни кўриб қолган экан. Сўнг мени саройга чақиртирди. Мен нима қилишим мумкин эди шундай вазиятда? Ахир, у шоҳ-ку! Онаси қизининг юзига тарсаки туширди. Бурсабо тебраниб ўзини ҳимоя қилиш учун қўлларини кўтарди. — Хўп, сен нима қилдинг? — вижиллади она. — Сен бекиниб олдингми? Мени ёрдамга чақирдингми? Сени шоҳ уйига чорлаганда, Обигайлга ўхшаб, сиз гуноҳ иш қиляпсиз, деб айтмадингми? Йўқ, сен бундай қилмагансан! Сенинг айбдорлигингни бетасир юзинг айтиб турибди, қайсар қиз! Фоҳиша! Сен ҳаммамизни гўрга тиқдинг! Бурсабо онасининг қарғишидан қўрқиб кетди. — Мен ҳеч кимга зиён етказмоқчи эмас эдим! — Довуд сенинг тенгинг эмаслигини мен аллақачон айтганман! Бир неча бор қайта-қайта такрорлаганман! Нега менинг гапларимга қулоқ тутмадинг? Эрингни сен ўлдирдинг! — Уриёни мен ўлдирмадим! Мен ўлдирмадим уни! Менинг истагим — ана шу яхши кўрган одамим қучоғида, ҳа-ҳа, доимо мен севиб келган инсон қучоғида бир кеча ўтказиш эди! Сиз тушуняпсизми, ойи? Уни севишимни била туриб, ўзингиз менга ёрдам қўлини чўздингизми? Бирор кимсага ёмонлик қилиш ниятим йўқ эди-ку менинг! — Нима, сен ўйлашингча, севги қилган гуноҳларингни оқлайдими? Уриё билан бирга Раббанинг деворлари ёнида бошқа одамлар ҳам жанг қилаётган эди-ку! Сен бир кеча фосиқлик қилишни истаганинг жаддига улар ўлим кетишди! — деди она ва аламига чидолмай Бурсабони яна калтаклай бошлади. — Сен хонадонимизга иснод келтирдинг! Ахитофел номига иснод келтирдинг! Нима, улар сени кечиришади деб ўйлайсанми? Сенга ўхшаган зинокор қизга ҳаёт бахшида этгандан кўра, туғаётганимда ўлсам бўлмасмиди? Ўжар қиз! Ундан кўра, ўлик туғилганингда яхши бўларди! Бурсабо тепки, калтаклардан ўзини ҳимоя қиларди. — Мен юрагим остида Довуднинг боласини кўтариб юрибман! Она янада қаттиқ бўкирди, ерга қулаб тушди. — Вой-вой-вой, — деб қулоқларини беркитганича ингради она. — Вой, оҳ-воей… Бурсабо ҳам ҳўнграб йиғларди. — Бундай бўлишини мен хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, онажон! Менга ишонишинг, ахир! — Сенга ишонаманми, ишонмайманми, бунинг нима аҳамияти бор? Тентак қиз! Қанча бегуноҳ одамлар сенинг айбинг билан ўлиб кетди? Уларнинг қотили сенсан! Шоҳ сени деб шундай йўл тутганини одамлар билмайди, деб ўйлайсанми? Шаҳардаги ҳамма бевалар сени ва шоҳни қарғаяпти. Етим қолган ўғлонлар Довуд номини кўкларга кўтаришади, деб ўйлайсанми? Ёки уни ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишади, деб ўйлайсанми? Ҳар лаҳзада улар шоҳни лаънатлашади! Уни йўқ қилиш имконини излашади. Уриё билан Довуд томонида туриб жанг қилган ўша ўттизта баҳодир-чи? Довуд саҳрода яшириниб юрганда, у билан бирга бўлган отанг ва бошқалар-чи? Энди улар ўзларининг шоҳлари ҳақида нима деб ўйлашлари мумкин? Уларнинг садоқатига ёки тўккан қонларига Довуд лойиқми? Довуд сени қўлга киритиш учун Уриёни ўлдирганлигини отанг ва бобонг билишса, нима қилишар экан уни? Сен уларнинг зурриёти бўла туриб уларга хиёнат қилдинг! Ахитофел билан Элиам энди сенга қиё ҳам боқишмайди. Сен юрган ерга одамлар хазар қилиб тупуришади! Отанг ва Ахитофел энди сенинг исмингни оғизларига ҳам олишмайди! Улар сен туғилган кунга лаънатлар ўқишади! Уларни ер билан яксон қилган одамдан қаттиқ ўч олишади! — она йиғлаб кўйлагининг ёқасини йиртиб ташлади. — Сен мен учун ҳам, ходаонимиз учун ҳам ўлгансан! Бурсабо йиғлаб, ёлвориб онаси томон қўлларини узатди. Она эса уни итариб ташлаб ўрнидан турди. Бурсабо тиззалаганича, онасининг этагига ёпишиб олди. — Онажон, илтимос, уларга ҳаммасини ўзингиз тушунтириб беринг! Она қизини ўзидан нари итариб ташлади. — Тушунтириб берайми? Шу гапни айтишга тилинг қандай айланди? У Бурсабога яна шапалоқ солди. Ҳомиласига шикаст етишидан қўрқиб кетган Бурсабо, қўллари билан қорнини ушлаб ғужанак бўлиб ётиб олди. Она қизини бошқа урмади. — Аёллар орасидаги лаънатисан сен! Сенинг исминг фоҳишалик белгисини англатади! То мен тирик эканман, сенинг исмингни бошқа тилимга олмайман! — Она Бурсабонинг юзига тупуриб эшик томон кетди. Она остонада тўхтаб, ўгирилмай қизига деди: — Агарда сенинг номингни бирор марта оғзимга олсам, мени Исроил Худоси урсин! Қолганларга нима қилган бўлсанг, Худо сенга ўшани кўрсатсин! Она эшикни очиқ қолдирганича, уйдан югуриб чиқиб кетди. Бурсабо гандираклаб келиб эшикни беркитди ва тамбалаб қўйди. Бирин-кетин кунлар ўтаверди. Бурсабо эрининг ўлганига, у билан бирга вафот этган бошқа аскарларга, оиласи барбод бўлганига, исми лаънатланганига, шу вақтгача жонидан ортиқ севган шоҳнинг обрўсига путур етказганига афсус қиларди. Шаҳарда содир бўлаётган нотинчликнинг, Уриёнинг ўлими сабабчиси Бурсабо билан шоҳнинг қилган гуноҳлари эканлигидан аёл эзиларди. Бурсабо ўлган эрига мотам тутар экан, кўз ёшлари тўпланган шишачани бўйнига осиб юрадиган бўлди, тинмай бошидан кул сепарди. Мотам учун белгиланган етти кун ҳам ўтди. Аммо Бурсабони уят ва ғам-ғусса тарк этмасди. Қалбини вайрон қилаётган ваҳима тобора ошиб борарди. Қоронғу кечаларда Бурсабо поклик нақадар афзаллигини англаб етди. Энди эса қилган ўзбошимчалиги учун азоб тортарди. Бир кечалик кўнгилхушлик унга ниҳоятда қимматга тушишини тасаввур ҳам қилмаган. Қолганларга-чи… Эрининг ўлганидан саккиз кун кейин унинг уйига шоҳ аскарлари келди. — Хетлик Уриёнинг хотинини саройга етказишимизни шоҳ буюрди. Уриёнинг хотини! Бурсабо кўз ёшлари йиғилган шишачани кўкрагига босди. Аскарлар бошлиғи у томон бир қадам қўйиб деди: — Сен биз билан боришинг керак! Бурсабо ўзи билан ҳеч нарса олмай уйидан чиқди. Уни аскарлар ўраб олиб кетди. Бурсабо ўзига ўзи савол берди: Довуд унга илтифот кўрсатяптими ёки уни эҳтиёт қиляптими? Аёллар эшик ёнида туриб уни кузатиб туришарди. Улардан бири Бурсабо олдидан ўтаётганда ерга тупурди. Бурсабонинг тасаввурида бутун Қуддус шаҳрининг нафрат тўла кўзлари унга қадалгандай эди. Одамларнинг шивир-шивири Бурсабога эшитилиб турарди. Бу сафар соқчилар аёлни ёбошдаги кичкин ўғринча эшикдан эмас, аксинча саройга киришнинг асосий дарвозасидан кузатиб қўйишди. Шоҳ ўзининг моҳир, аммо ҳалок бўлган аскарининг бевасини хотинликка олаётган эди. Балки бу билан шоҳ Довуд бағрикенглигини халққа намоён қилмоқчи бўлса керак. Чунки Бурсабо таги тахтли оиланинг қизи эмас, балки оддий аскарнинг қизи, ҳарбий маслаҳатчининг набираси! Лекин ҳеч ким алдангани йўқ! Эҳтимол, шоҳдан ташқари. Тўртинчи боб Довуд сабрсизлик билан янги хотин келишини кутган эди. Ниҳоят эшик тақиллади, эшикни шоҳнинг ўзи бориб очди. Қаршисида Йўрам турарди. Аскар ўзини четга олди, Довуд қора либосда бошини эгиб турган аёлни кўрди. Шоҳнинг юраги гуп-гуп урди. — Шоҳим, хеттлик Уриёнинг хотини шу ерда, — деди тилёғламалик билан Йўрам. Довуд бошини адл кўтарди. — Энди ҳеч қачон унга бундай мурожаат қилмагин. Шоҳ аскарга имо қилиб, кетишга рухсат берди. Бугундан бошлаб бирор бир арзимас нарса ҳам Бурсабони олдин ўзга эркакники бўлганини эслатмаслиги керак. Энди Бурсабо фақат уники! Қолган нарсалар аҳамиятсиз. Йўрамнинг оёқ товушлари узоқлашгандан кейин, Довуд тинчланди. — Бурсабо, — деди у хотиржам товуш билан. Аёл унинг қаршисида бошини кўтармай, худди биринчи висол кечасидаги келинга ўхшаб турарди. — О севгилим, — пичирларди Довуд. — Мен сени жуда соғиндим! Бурсабо ҳам чўчиб, ҳам ийманиб ичкарига кирди. Бармоқлари муздай. У қалтирарди, балки Довуд ҳам у сингари жуда ҳаяжонда бўлса керак? Шоҳ Бурсабони ётоғига олиб кирди. — Сен энди ҳеч нимадан қўрқмасанг бўлади, — деди шоҳ. Бурсабо ичкарига киргач, Довуд эшикни беркитди. — Сен энди мен билан биргасан. Боламиз ҳам бехавотирликда бўлади. Бурсабо индамай тураверди. Унинг жим туришидан хавотирланган шоҳ севгилисини иягидан ушлаб ўзига қаратди. Бурсабо озиб кетган, ранги қордай оппоқ. Довуд Бурсабонинг ёпинчиғини ечган эди, бўйнида осилиб турган кичкина шиша идишни кўриб қолди. Унинг бутун вужудини рашк оло-ви ёндирди. Довуд масхараомуз тиржайиб шишачани қўлига олди. — Уни шунчалик севармидинг? — Ҳа, мен Уриёни севардим, — деди секингина Бурсабо. У бошини кўтарди. Аёлнинг кўзлари дилдаги оғриқдан қизарган эди, — севардим, лекин сизни севганчалик эмас. Сизга етишишни доимо орзу қилардим, — деди ва кафтини тепага қилиб қўлини Довудга чўзди. — Сиз менинг юрагимни қўлингизда ушлаб турган эркаксиз. Бурсабо қўлларини мушт қилди, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Довуд унинг майин юзларини силади. Салтанатидаги энг гўзал аёл — бу Бурсабо эди, энди эса у шоҳники! — Мен сени қанчалик севишимни тасаввур қила ҳам олмайсан, Бурсабо, — деди Довуд, Бурсабо титраётганини у сезди ва қўллари билан юзини сийпалади. — Энди сен менинг хотинимсан, — кўзларидаги хавотирга аҳамият бермай шоҳ унинг бўйнидаги кўз ёшлари тўпланган шишачани узиб ташлади. — Уни унут! Сен менинг маликам бўласан, — Довуд бошини эгиб юмшоққина қилиб, худди олдин-гидай, Бурсабони ўпди. — Сенинг олдингда бошқа ҳамма аёллар сўнган юлдузга ўхшайди. Шоҳнинг бармоқлари Бурсабонинг қалин сочлари орасида йўқ бўлиб кетди. * * * Довуд ётоқхонасининг эшиги олдида турганча, мактуб ўқирди. Бу мактубни Йўрам шоҳ маслаҳатчиларидан олиб келган эди. Дав-лат ишлари шоҳни чорларди. Довуд ғазабланиб қоғозни ғижимлади. Одамлар ҳаёти учун жавобгарлигини, давлат ишларига қайтиш вақти келганини унга эслатишмаса ҳам ўзи биларди. Йўрам шоҳнинг буйруғини кутиб индамай турарди. — Ҳарам ходимига айтгин, ҳарамдан хабар олиб турсин, — деди секингина Довуд Бурсабони уйғотиб юбормаслик учун. — Хўп бўлади, шоҳим. Довуд ётоқхонага қайтиб кирди ва астагина эшикни тамбалади. Хонанинг нариги четидаги каравот олдида тўхтади, хотинига тикилди. У ғоят гўзал! Довуд ҳеч қачон бундай ажойиб аёлни кўрмаган. Шоҳ учун у умрбод шундайлигича қолади, худди Иброҳимнинг хотини Сора каби! Довуд жилмайиб хотинининг сочларини силади. Сочлари ипакдай майин. Энди шоҳ Бурсабони соғиниб бошқа азоб чекмайди. Севгилиси доимо ёнида бўлади. Қачон хоҳласа, шунда уни чақиртираверади. Довуд каравотнинг четига ўтирди. У оҳиста Бурсабони ўпди-да, уйғонишини кутиб ўтирди. Аёл ётган жойида керишди, юзида енгил табассум пайдо бўлди. Кўзларини шоҳга қадади, Довуд Бурсабонинг кўзларидаги нигоҳ энди негадир ҳавас, орзулар қанотидаги ёш қизчани эслатмаслигини тушунди. Аёлнинг Довудга бўлган севгисига аччиқ турмуши раҳна солди. Нимагалигини шоҳ Бурсабодан сўрагиси келмади. Аёл қўлларини чўзиб шоҳнинг юзини силади. Довуд унинг кафтларини қўллари орасига олиб ўпди. — Сени ташлаб кетгим келмаяпти, лекин боришим керак. — Сиз шоҳсиз. — Сенга хонани тайёрлаб қўйишди. — Довуд унинг пешонасига тушиб турган жингалак сочларини орқага суриб қўйди. — Агар сенга бирор нима керак бўлса ёки бирор нарса хоҳласанг, ҳарам ходимига айтгин. У ҳамма нарсани бекаму кўст қилиб беради. Уятдан Бурсабонинг юзлари қизарди, кўзлари ёшга тўлди. Довуднинг ўзи тушунмаган қандайдир ҳис-ҳаяжон Бурсабони шошириб қўйди. — Жонгинам, турақол, — йиғлаётган аёлнинг кўнглини олиш-га шоҳнинг вақти йўқ! — Биз бутун умримизни тўшакда ўтказмаймиз-ку! Довуд ўрнидан туриб, четроққа қараб турди. Орқасида Бурсабонинг шитир-шитир этиб кийинаётгани эшитилди. Бурсабо азадор кўйлагини олаётган эди, Довуд унинг кийинаётганини томоша қилмоқчи бўлиб ўгирилди. — Йўқ! — Довуд аёлнинг қўлидаги кўйлагини тортиб олди, ғижимлаб бурчакка отди. Бурсабо эрининг жаҳли чиққанини кўриб, унга тикилиб қолди. — Шоҳим, нима, мен ҳарамга яланғоч бораманми? Довуд катта қадам ташлаб хонанинг нариги четидан ўзининг туникаларидан бирини олди. — Мана, буни кийиб ол! Шундай дея туникани Бурсабога отди. Бутун бадани титраб, аёл кийина бошлади. Этагидаги қизил жияк оёқларини беркитиб турарди. Унинг кўриниши Довуднинг ёдига ёш ва беғубор, ҳимояга муҳтож, шоҳнинг кетидан пойлаб Эн-кайди ғори олдидаги дарёгача борган қизалоқни солди. — Мени кечир, Бурсабо! Эшик тақиллашидан иккаласи ҳам чўчиб тушди. Довуд ҳарам хизматкорига Бурсабони ҳарамдаги ўз хонасига кузатиб қўйишни буюрган эди. — Ичкарига киравер! — деб буйруқ берди Довуд, шундан сўнг эшик очилди. Бурсабо хизматкорга қаради, лекин унга бир қадам ҳам босиб пешвоз чиқмади. — Ҳадемай сени яна чақиртираман, — деди Довуд. Нега энди у ўзини айбдор деб ҳисоблаши керак? Наҳотки Бурсабо унинг шоҳ эканлигини тушунмаса?! Бурсабо ўрнидан турди. Эрига тескари қараб кетишга шайланди. Шоҳ Бурсабонинг юзларида кўз ёшларни кўрди. Аёл хизматкорнинг ортидан сўзсиз хонани тарк этди. Улар кетгач, Довуд кўкрагини силади. Ҳамма иш у хоҳлагандай битган бўлса, нега энди юраги бунчалик қаттиқ оғрияпти? * * * Бурсабонинг хоналари ниҳоятда гўзал безатилган бўлиб, ҳозирда у байрамона ва шоҳона ҳаёт кечиряпти. Чиройли, қимматбаҳо кийимлари жуда кўп, унга энг лаззатли таомлар тортиқ қилинади. Унга шоҳнинг ўзи ғамхўрлик қилади. Бурсабо ҳеч ёлғиз қолмайди, Довуднинг саройида икки юздан ортиқ одам яшайди: Бурсабодан ташқари яна олтита хотини, кўплаб канизаклари, болалар, хизматкорлар, мирзалар, усталар, ишчилар, дарвозабонлар, бошқарувчилар ва темирчилар. Шоҳ саройида улардан бошқа ҳозирда қўлида қурол тутолмайдиган қари, фахрли аскарлар ҳам яшайди, кўплаб одамлар келиб кетади. Довуднинг хотинлари қариндошлари келганда, аёллар зиёфатлар уюштиришади. Фақат Бурсабонинг олдига ҳеч ким келмайди! Довуднинг хотинлари кечки овқатга тўпланишганда, улар Бурсабо билан гаплашмайдилар ёки унга умуман эътибор қилишмайдилар. Катта ўғиллари эса Бурсабога турлича қарашарди: шоҳнинг энг катта ўғли Амнон — ҳирс билан, Абусалом бўлса — нафрат билан. Бу хотинлар ва уларнинг фарзандлари энди Бурсабонинг ҳам оиласи ҳисобланади. Илк бор Бурсабо аёлларнинг ҳузурига ташриф буюрганда, Ахиноям Довуднинг бошқа хотинларига шундай деди: — Ана, шоҳнинг ўйнаши келди! Қачонлардир бобосининг отасига берган маслаҳати Бурсабонинг ёдига тушди: — Ўзингнинг оила аъзоларингдан бошқа ҳеч кимга ишонма! Ҳа, Бурсабо энди яхши билади: у ҳеч қачон Довуднинг бошқа хотинларига ёки уларнинг ўғилларига ишонмайди, боласи доимо хавф-хатар остида қолади. Кунлар секин ўтиб борарди. Бурсабо борган сари ўзи билан ўзи бўлиб, яккаланиб қолди. Саройдаги турли гап-сўзлар, ғийбатлар унинг ғашини келтирар, унинг феъл-атвори ҳам ўзгариб борарди. Бурсабо танҳоликда яшарди. Унинг ягона овунчоғи — юрагининг остида асраб юрган фарзанди! Чақалоқ туғилгандан кейин, она уни тентак энага қўлига бермайди. Боласи ўзи билан қолади, боласини Бурсабонинг ўзи тарбиялайди. Агар мабодо қиз туғилгудек бўлса, уни ўзи авайлаб-асрайди, ўзга кимсаларга ишониб топширмасдан, худди ўзидек қилиб вояга етказади. Буни Бурсабо жуда интизорлик билан кутади. Қанийди энди ўғил туғилсаю, Довуд ундан фахрланиб юрса! Бир ой ўтгач, шоҳнинг зурриётини Бурсабо жисмида авайлаб юрганидан сарой аҳли хабардор бўлди. Саройда юрганларнинг кўпчилиги шоҳни шундай ҳурмат қилишардики, ҳатто у тўғрида пичирлаб айтилаётган ёмон гап-сўзларга эътибор беришмасди. Ҳадемай Довуднинг оиласига яна бир фарзанд қўшилишидан улар қувонишарди. Лекин баъзилар Бурсабога заҳархандали нигоҳ ташлаб, унинг устидан кулишарди. Баъзилар эса умуман унга қараб ҳам қўймайди. Шоҳнинг хотинлари ҳар куни вақтларини ўйин, мусиқа, ғийбат билан ўтказишади. Баъзилари бичиш-тикиш билан шуғулланишади. Ҳар сафар шоҳ кечки вақтини улар билан ўтказишидан хабар топишса, у келишига жиддий тайёргарлик кўришади. Ҳар бири ўзини бошқалардан чиройли кўрсатишга харакат қилади. Улар кийиниб, пардоз-андоз қилишар, шоҳнинг диқкатини қандай қилиб ўзларига жалб қилиш йўлларини билиш учун унинг олдига чўриларини жўнатишарди. Ахиноям қовоқларига Миср сурмасини, қошлари ва киприкларига эроний бўёқни сурарди. Мелхола оёқлари тирноқларини хина билан бўяб, оёқ билагузуги тақиб оларди. Ҳаммаси сочини тараб, баданларига хушбўй ҳид таратиб турадиган атир-упа суртиб олишади. Бурсабо чўмилади, сочларини силлиқ қилиб тараб елкасига ташлайди. Эгнига эса оддий кўйлак кийиб олади. Майли, Довуд уни ҳозир эмас, олдин қандай бўлган бўлса, шундайлигича кўрсин. Довуд меҳмонхонага кириб келганда, Бурсабонинг юраги гуп-гуп ура бошлади. Шоҳ бошқаларга қандай қараркин, деб зимдан кузатиб турди. Шоҳнинг нигоҳи Бурсабога тушганда, Довуднинг кўзларида илиқлик пайдо бўлди. Шу лаҳзада шоҳ дарров бошқа томонга қаради, унинг қўлларини силаётган Ахиноям билан гаплашди. Ахиноям шоҳни осмондаги ой ва юлдузларга ўхшатди, табассум билан унга тикилди. Довуд ҳарамда узоқ бўлмади, лекин хонада юриб, ҳар бир хотинига алоҳида эътибор берди. Юрагидаги зўрайиб бораётган оғриқ ила Бурсабо диққат билан шоҳни кузатарди. Ҳар бир хотинига у жилмайиб боқар, ҳар бири билан чин дилдан сўзлашар, ҳар бирини бағрига босиб, хурсанд қилиб эркалатди. Шундай келишган шоҳни ким ҳам яхши кўрмайди?! Ҳар гал Довуд хотинларини иягидан ушлаб эркалаганда, қўлларидан ўпганда, мулойим сўзлар гапириб уларни эркалатганда, Бурсабонинг диққати ошиб борди. Аёллар Довуд билан бемалол ҳазиллашганларида, унга нозлар қилиб суркалишганда, Бурсабо рашкдан: «Қанийди, уларнинг сочларини битталаб юлиб олсам», деган иштиёқ пайдо бўларди. Лекин у ўзини тинч ва бамайлихотир қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Довуд ўтиргач, ҳамма хотинлари уни ўраб олиб, ширин ҳаёлларга берилишди. Шоҳ Бурсабога яна бир назар ташлаган эди, Довуднинг кўз олди коронғулашиб кетганини сезди. Аммо Бурсабога зиғирча ҳам тасалли бермади. Чунки бошқа хотинлари унинг эътиборини яна ўзларига жалб қилиб олишди. Ҳа, бундай азобдан кўп озор чекиши тўғрисида қачонлардир онаси огоҳлантирган эди! Довуднинг хотини бўлиш осон эмаслигини онаси Бурсабога яхшилаб тушунтирмаганмиди?! «Кўплардан бири». Севган одаминг бошқа олтита хотинини эркалаётганини кўришдан ортиқ оғир азоб бормикан?! Шу аҳволни кўрмайин, деб Бурсабо нарироққа сурилиб олди. Кейин Довуд унинг ёнига келди. — Бурсабо, кайфиятларинг яхшими? Ўта жаҳли чиққан Бурсабо эрига жавоб қайтаришга ожиз эди. Агар билмасдан бирор ноўрин гап айтиб қўйса, Довуд кетгандан сўнг кундошлари унинг устидан кулишлари мумкин эди. — Бурсабо! — деди Довуд секингина унинг қаршисида чўнқайиб. Хотинини иягидан ушлаб, ўзига қаратди, кўзларига тикилди. Шоҳнинг ҳирсга тўла кўзлари безовта, қизарган эди. — Мени тушунгин. Мен ўз хоҳишимга эрк бериб, қолганларини ташлаб қўёлмайман. Киноя билан айтилган бу сўзлардан кейин Бурсабо тескари қараб олди. Довудни деб у ҳамма нарсадан воз кечмадими?! Охири нима бўлишини ўйламай, ҳирсини қондириб, эрининг ўлимига сабабчи бўлмадими?! — Бурсабо, — деди яна Довуд. Унинг овозида гина сезилиб турарди. Аёллар Довудни урғочи арслонлар тўдасига тушиб қолгандек кузатиб туришарди. — Албатта, тушунаман, — деди Бурсабо Довуднинг кўзларига тикилиб, хафа бўлганини сездирмасликка харакат қилди. Чунки бу холат унинг дардини янада оғирлаштириши мумкин эди. Довуд — шоҳ, у ҳаммадан юқорида. Саройни, яъни ўз уйини мустаҳкамлаши учун шоҳга кўп ўғиллар туғиб берадиган анчагина хотин керак. Энди Бурсабонинг ҳомиладорлиги ҳаммага аён бўлгач, Довуд уни ётоқхонасига чақирадими? Бурсабо яна онасининг гапларини эслади. «Катта бўлганингда одамга эмас, балки Парвардигорга сажда қилиш кераклигини тушуниб оласан». Бўлди, бас! Орзу-хаёлларни йиғиштириб қўйиб, улғайиш вақти келди! Бурсабо ҳақиқатга тик қарай билиши керак! Ҳозир унинг ҳомиладорлигини ҳамма билгандан кейин ҳам, Довуд уни чақирса, гап-сўзлар янада кўпаяди. Шоҳ хотинларини фақат бир мақсадда чақиртиради, у ҳам бўлса — кўпроқ фарзанд туғдириш ниятида. То бола туғилиб, покланиш кунлари тугамагунча — ўғил бола туғилса қирқ кундан кейин, қиз бола туғилса, саксон кундан кейингина Бурсабо билан Довуд ёлғиз қолишлари мумкин. Оҳ, қанийди энди ўғил туғилса! Ёлғизликда ўтказадиган ойларни ўйладию Бурсабонинг руҳи тушиб кетди. Довуднинг хотинларини кўришга Бурсабонинг кўзлари йўқ, Бурсабо уларнинг ғийбатларига асосий мавзу, рашк учун диққат-эътибордаги шахс ҳисобланар эди. Бурсабо улардан хафа бўлишга ҳақлими? Ҳа, улар гапираётган гапларнинг ҳаммаси рост! Довуд Бурсабонинг юзларини силаб, ўрнидан турди. Оғир қайғу ичида у эрининг орқасидан қаради. Сўнг Довудга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб, кашта тикишга уринди. Юраги тез-тез урди, пешонасини совуқ тер босди. Шоҳ хотинларининг ҳар бири билан қанча вақт гаплашганини сониясигача у аниқ биларди. Ёшликдаги ширин орзулари Довудга эришгандан кейин, даҳшатга айланади, деб ҳеч ўйламаган эди! Ниҳоят, шоҳ хотинларини тарк этганда, Бурсабо енгил тортди, аммо бирданига уни ваҳима ҳам босди. Шоҳ чиқиб кетаётиб, Бурсабога қараганини аёл сезди. Лекин у: «Шоҳимнинг бу қарашига жавоб қайтармай, хато қилдим», деб ўйлади. Бурсабо олдин одамларга Довуднинг санолар айтганини, олов ёнида ўтирганларга бирма-бир назар ташлаганини эслади. Шоҳ қолган хотинларига қанча вақт ажратган бўлса, Бурсабога ҳам шунча вақт ажратди. Довуд учун Бурсабо хотинларидан бири бўлса, Бурсабо эса фақат у билан яшарди. Гарчи бу ҳақда онаси олдин гапирган бўлса ҳам, ҳозирда тақдирнинг ўзи уни бу синовдан ўтказяпти. Шоҳ чиқиб кетиши биланоқ, эшик ёпилди, хотинларнинг ҳаммаси тинчлангандай бўлди. Аёллар энди шоҳ эътиборини қозониш учун курашмасдилар. Кимдир жим ўтирар, кимдир кашта тикар, яна кимдир суҳбатлашар эди! Хонага ҳарам хизматкори кирди, ҳамма жим бўлиб қолди. — Обигайл, — деди у. Аёл қизариб ўрнидан турди, уялганича унинг орқасидан чиқиб кетди. Шу пайтгача Бурсабо бундай оғриқни хис этмаган эди! Унинг кўкрагидан юрагини узиб олишгандай туюлди! Михал тиржайди. Агрифа эса оғзини кафти билан беркитиб, Эглага алланималар деди, иккови ҳам Бурсабога қараб унинг устидан кулишди. Наҳотки улар Бурсабонинг хаяжонланаётганини сезишган бўлса? Бурсабо ўрнидан туриб, қочиб чиқиб кетмоқчи ҳам бўлди. У ўз хонасига беркиниб, аламдан бор овози билан бақиргиси келарди. Ахиноям пишқирди: — Нега энди Довуд Обигайлни чақирди? Неча ойдан бери уни чақиртиргани йўқ эди. Устига устак, яна бир ўғил туғиб беришга у қарилик қилади. — Майли, бошқалардан кўра, уни чақиртиргани тузукроқ. Номини ҳам айтгим келмаяпти, — деб Михал Бурсабога ёвуз қараш қилди. — Эҳтимол, Довуд ҳимматли аёллар билан вақтини ўтказишни хуш кўрса керак. Бурсабонинг қайтармоқчи бўлган қалтис жавоблари олов каби тилини куйдирарди. Лекин Бурсабо гапирмади. Вазиятни янада кескинлаштириш нимага керак?! Бунинг устига, у қандай қилиб ўзини оқлаши мумкин? Хақиқатдан ҳам у бевафолик қилди! Бурсабо каштасини йиғиштирди, ўрнидан туриб бошини қуйи солганича, хонадан чиқиб кетди. Ортиқча миш-мишлардан юраги янада сиқилишини хоҳламади. Ичкарига киргач, хонасининг эшигини маҳкам тамбалади, полга мук тушиб, кўкрагидан отилиб чиқаётган фарёдни биров эшитмасин, деб бошини ёстиққа буркаб олди. Бу кеча у ёмон ухлади. Довуд билан Обигайл ҳақидаги фикр-ўйлари унга тичлик бермади. Эрталаб барвақт туриб ховлидаги кичкина боққа чиқди. Зайтун дарахтининг тагига ўтириб, бошини қуйи солди, лекин ибодат қилишга ботинмади. Гуноҳнинг жазоси ўлим бўлгандан кейин, Худонинг эътиборини жалб қилган билан, нима ҳам ўзгарарди? Бурсабо астагина қўлини қорнига қўйди, боласига бўлган меҳри ҳамма қайғу-ҳасратларини унутишга ёрдам берди. Унинг жисмида янги бир ҳаёт бошланаётган эди. Довуднинг зурриёти! Бирдан кимдир уни чақиргандай бўлди: — Бурсабо! Бурсабо чўчиб бошини кўтарди. Қараса, қаршисида Обигайл турибди. — Мен шоҳ номидан келдим, — деди аёл. Унинг ёши Бурсабоникидан анча катта эди. Бурсабонинг юрагида санчиқ турди. Қўлларини тиззалари орасига олганича, диққат билан Обигайлга тикилди. Нима, Обигайл, кечани Довуд билан ўтказдим, деб мақтанмоқчими? Бурсабо ҳаяжонланаётганини фош қилиб қўймаслик учун ўзини босиб олди. Маълум бир вақт шоҳнинг учинчи хотини Бурсабони кузатиб турди. — Ўтирсам бўладими? — Марҳамат, ўтир. Обигайл Бурсабонинг ёнига ўтирди. — Бурсабо, мен ёнингга сенинг диққатингни ошириш учун келмадим, — деди Обигайл ва кўйлагининг этагидаги чангни қоққандай бўлди. — Довуд мендан, Бурсабо саройдаги ҳаётга кўникиб қолдими, деб сўради. Мен шоҳга ўзингни муносиб тутаётганингни айтдим. Бурсабо ўзини яхши ҳис этяптими, деб сўраганда, сендан ҳеч қандай шикоят эшитмаганимни ҳам етказдим. Яна уни қизиқтирган бир нарса — сени бирор кимса йўқлаб келяптими ёки йўқми, деб сўраганда, менга бу номаълумлигини айтдим, — Обигайл мийиғида кулиб қўйди. — Менинг ёшим ундан қатта бўлганигами ёки Довудгача мен бировнинг хотини бўлганим учунми, бизнинг эримиз бу тўғрида мен билан гашлашишни лозим топди, шекилли. Унинг ўйлашича, сенинг ҳис-туйғуларингни бу саройда мендан бошқа ҳеч қим тушунмайди, — Обигайл нафасини ростлаб олди. — Довуд мендан яна, Бурсабо эри Уриёни эслаб сиқилмаяптимикан, деб ҳам сўради. Бурсабо аранг кўз ёшларини тутиб турарди. Обигайл бошини кўтариб унга қаради. — Мен саройда кўпдан бери яшайман. Лекин Довуд шу вақтгача бирор марта ҳам бирор хотини тўғрисида кўп сўраб-суриштирмаган, бирон хотини тўғрисида бунчалик қайғурмаган. Уйда тинчлик бўлсин, деган ниятда у ҳаммамизга бир хил муносабатда бўлиб келган. Биз, хотинлар, унинг эътиборини қозониш ниятида талашиб-тортишамиз. Лекин шоҳ ҳеч қачон бир хотинини бошқасидан устун қўймас эди. Бу кеча Довуд юрагини менга ёзди. У сен ҳақингда сўради, ёмон фикрга бориш ниятида эмас, аксинча, сенга ёрдам бермоқчи. Бурсабо, унинг сенга муносабати ўзгача. Бурсабо бундай дилхуш хабардан кўнгли ёришиб, хурсанд бўлиб кетди. Лекин Обигайлнинг кўзларидаги ғамни кўриб хурсандлигидан асар ҳам қолмади. Яна қанчадан-қанча аёллар Довудни севар экан? — Обигайл, мени кечир. Бурсабо нимани назарда тутиб Обигайлдан кечирим сўраётганини у тушуниб, жилмайди. — Шоҳни севиш — бу ақлсизлик. — Менинг онам ҳам худди шундай деганлар. — Сенинг онанг доно аёл экан, — деди Обигайл, кейин бошини кўтарди. — Мен ўйлашимча, Довуд сени жуда севади. Агар севмаганда эди, бугунгидай йўл тутмаган бўлар эди. Бурсабо қизариб кетди. Лекин ажабланарлиси шундаки, Обигайл на гаплари билан, на қарашлари билан уни айбламоқчи ёки қораламоқчи эмас эди. Бурсабо сесканиб кетди. — Ҳаммасига ёлғиз ўзим айбдорман. Бутун айбни ўзига олгани ҳамма учун яхши бўлади. Обигайл бош силтади. — Биз ҳаммамиз гуноҳкормиз. — Сен гуноҳ қилмадинг. Сен Довудни гуноҳ қилишдан огоҳлантирдинг. Лекин айнан Обигайл шоҳни беихтиёр гуноҳга бошлаганини Бурсабо айтмади. — Мен гувоҳлар олдида эримни, жинни, деб айтдим. — Лекин сен унга хиёнат қилмадинг. — Мен Навфал кайфи тарқаб ўзига келгунча кутдим. У нима қилиб қўйганини ўзига айтиб, содир бўлган воқеани ўйлаб кўришини хоҳлаган эдим. У қанчалар қизғончиқлигини, қўрқоқлигини, такаббурлигини мен билардим. Айтадиганимни айтиб, уни ваҳима босишини, ўлимини кутдим. Ундан қутулганимга Худога шукро-налар айтдим. Довуд менга уйланиш ниятида уйимга одам жўнатганда, тезда бор будимни йиғиштириб унинг ҳузурига келдим. Шоҳ ҳақида кўп яхши гаплар эшитганим учун уни севиб қолдим. Уни кўрганимда эса, яна ҳам қаттиқроқ севдим, — Обигайлнинг кўзларида ёш йилтиради. — Мен ҳалигача уни севаман. Обигайл шунчалик ишониб юрагидаги дардини ёзганидан, Бурсабо таъсирланиб кетди. — Сени айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, Обигайл. Сен доно аёл эканлигингни, ўшанда зудлик билан қилган харакатинг тўғрилигини ҳамма билади. Ўша кеча сен кўплаб одамларнинг ҳаётини қутқариб қолгансан. Айни пайтда эри Уриёнинг ва у билан Рабба деворлари олдида жанг қилган аскарларнинг ўлими Бурсабонинг бўйнида қолган эди. — Мени мақтама, Бурсабо. Юрагимдагини Худо кўриб турибди, фақат Угина бизни ҳукм қилади. Бурсабонинг ҳам нафаси ичига тушиб кетди, буни фақат ўзи ҳис қилди. Кўзларини юмиб, бошини эгди. — Айнан мана шундан мен жуда қўрқаман. Мен қонунни буздим. Қандай қилиб ўз гуноҳимни ювишим мумкин? Эй, Исроилнинг Худоси — Эгамиз! Менга раҳм қил! Ўзим қазиб, ичига тушиб кетган ўрадан мени қутқар, ҳаётимни Ўзинг ўзгартир! Обигайл Бурсабони қўлидан ушлаб, меҳрибонлик билан қисди. — Тавба қилганларни Худо кечиради. Обигайл ўрнидан туриб нари кетди. Бурсабо ўйланганича ёлғиз ўтирар эди. Унинг қилган тавбаси энди бирор нарсани ўзгартирармикан? Келажакда қандай йўл тутади — бунинг аҳамияти йўқ. Барибир, одамларнинг тасаввурида у фоҳишалигича қолаверади. Қорнидаги боласи қилган гуноҳидан далолат бериб тураверади. * * * Фарзанди туғилганда, Бурсабо гуноҳи фош бўлганини дояларнинг кўзидан тушуниб олди. Шоҳ саройига келгандан кейин олти ой ўтгач, у тетик, кўкраклари, қўллари ва оёқлари бақувват, соғлом ўғил кўрди. Доя кампирнинг қўлида чақалоқ бақириб йиғлаганда, доя ҳаром нарсадан жиркангандай афтини буриштирди. Бурсабо аёлларнинг қахр-ғазабидан қўрқиб кетди. У оғриққа эътибор бермай бор кучини йиғиб ўрнидан бир оз кўтарилди. — Ўғлимни ўзимга беринглар! Доя кампир жирканч нарсани ушлаб тургандай, дарров чақалоқни онасининг қўлига ташлади. Бундай бешафқат муомалага жавоб қайтаришдан Бурсабо ўзини тийиб, фарзандини бағрига босди. Болага нисбатан уларнинг бундай муносабатини Бурсабо олдинроқ билганда эди! Нафақат сарой аҳли, балки бутун халқ энди шоҳнинг ўғли ҳаромдан бино бўлганини эшитади! Ҳамма хонадан чиқиб кетди, лекин эшик орқасидан ҳам хотинларнинг ғовур-ғувури эшитилиб турарди. Бир мунча вақт ўтгач Обигайл кирди. — Сен билан озгина ўтирсам, қаршилик қилмайсанми? Унинг меҳрибонлик билан айтилган гапларидан Бурсабо йиғлаб юборди. — Уларни менга нисбатан аламларини тушунаман, лекин ўғлим гуноҳкор эмас! Обигайл Бурсабонинг тўзиб юзига тушган сочларини йиғиштириб қўйди. — Бола учун ҳам тинчланишинг керак, — у эгилиб чақалоқни қўлига олмоқчи бўлди. — Ижозат берсанг, ўғлингни қўлимга олсам. Уни ювинтириб қўяй, кўкрагига туз суртаман, токи шамоллаб қолмасин. Сўнг йўргакка ўраб, шоҳга кўрсатаман. Ҳа, чақалоқни бобоси кўргандан кейин, ҳамма гап-сўзлар ростлигини тушунади… Ахитофел Раббадан қайтганда, Довуд унга кўп совғалар инъом этди. Шоҳ, Ахитофел билан муносабатларимиз жуда яхши деб айтганига қарамай, Довуд фақатгина шоҳ бўлгани учунгина ҳозиргача тирик юрганини Бурсабо билади. Бурсабонинг бобоси зийрак, фаҳм-фаросатли одам. Лекин барибир Йўабга ўхшаб, кечиришни билмайди. Ахитофел бирор найранг ўйлаб топишидан Бурсабо чўчирди. Довуд аскарлари билан бошига Канъонни тожини кийиб, Қуддусга кириб келаётганда, ҳарбий маслаҳатчилар унинг бобоси бошчилигида қайтаётганини Бурсабо сарой девори устидан кўриб турган эди. Бобоси тепага — Бурсабо турган жойга қаради. Лекин набирасига қўлини кўтариб жилмайиб ҳам қўймади. Ахитофел Бурсабони комон ўқи билан нишонга олаётгандай, синчковлик билан боқди. Отаси Раббадаги жангда ярадор бўлиб, уни уйига олиб келганларидан кейин, қизининг тарихи ишқилиб қулоғига етиб бормасин, деб Бурсабо умид қилиб юрарди. Балки хаста отасига онасининг раҳми келиб айтмагандир? Албатта, онаси бу қадар бағри тош эмас эди. Қизимиз шоҳ билан бирга бўлиб, эрига хиёнат қилибди, деб Елиёмга қандай қилиб айтади?! Бундай шум хабар отасини ўлдириши мумкин-ку! Елиёмга фақат, Уриё ҳалок бўлгандан кейин Бурсабо тўғрисида бўлмағур гаплар тарқалмаслиги учун, шоҳ уни саройига олиб кетиб, ўзига никоҳлаб олди, деб айтди, холос. Кечалари Бурсабо ёмон тушлар кўриб, совуқ тер босганидан уйғониб кетарди. Тушида кўпинча бобоси қиличини яланғочлаб унинг тепасида тургандек бўларди. Баъзида эса тушида отаси уйининг эшиги ёнида тур, бобоси Елимга шундай деб қасам ичади: «Эй, ўғлим, гинам! Бу дунёдан улар жазосиз кетмайдилар! Довуд шоҳ бўлса ҳам, барибир, мен уни ўлдираман! Агар бу иш қўлимдан келмаса, мен ўлимимга розиман!» Келажакда қандай савдолар бошига тушиши ҳақида Бурсабо ўйлагиси ҳам келмасди. Ўғлини қўлига олганда, у кўрган ёмон тушларини, Довуд билан айрилиқни унутиб юборади. Бурсабога шунинг ўзи кифоя эди. Ўғил туғилгандан Довуд хурсанд бўлди. Бурсабонинг ёнида ўтирганича фарзандининг бошини силар, хотинининг кўзларига жилмайиб боқарди. Бурсабо ҳеч бўлмаса гоҳида Довуд билан учрашиб, унинг бетайин севгисидан баҳраманд бўлиш учун яшашга қарор қилган эди. Энди унинг ўғли бошқача бўлади. Жажжи чақалоқни қўлида ушлаб, унинг бадани илиқлигидан, эмиш учун кўкракни ахтарганидан, лаззатланиб эмганидан Бурсабо ҳузур қилди. Ҳеч қачон ва ҳеч кимни Бурсабо ўзининг боласидан ортиқ кўрмаган. У умрини ўғлига бағишлайди. Кечаю кундуз бошқаларга ишонмай, фарзандига ўзи қарайди. Ҳар қандай овозига ёки қилиғига у хурсанд бўлади. Фарзанд бу дунёда нима учун яшайди — уни ҳамма яхши кўриши учун! Бурсабо ҳам ўғлига севгисини ва меҳр-муҳаббатини бағишлаётганидан роҳатланарди! Кейин бор ҳақиқатни ҳаммага ошкор қилиб бериш учун Натан ташриф буюрди. * * * Натан сарой эшигига яқинлашиб ҳовлига кираётганда, Довудга хабар беришди. Шоҳ қарияни иззатини жойига қўйиб кутиб олмоқчи бўлди. Лекин Натаннинг кўзлари чақнаб турганини кўриб шоҳ безовталанди. Демак, пайғамбар қувончли хабар олиб келмаган. — Сени саройга келишга нима мажбур қилди? — деб сўради Довуд тахтига ўрнашиб ўтирар экан. — Мендан сенга қандай ёрдам керак? Оёғини кенг ёзганича Натан шоҳ қаршисида тик турар эди. У Довуддан қирқ ёшча катта бўлиб, кўзлари кўпни кўрганидан далолат бериб турарди. Натан оғзини очиб тиниқ овоз билан гап бошлаганда, унинг сўзлари маъноси меҳмонхонага ташриф буюрганларнинг барчаси қалбига етиб борди. Одамлар Эгамизнинг ҳозир бўлганини хис қилишди. — Бир шаҳарда икки одам яшар экан: биринчиси — бой, иккинчиси эса камбағал. Бойнинг ниҳоятда чорваси кўп экан. Камбағалнинг эса бир дона қўзичоғи бор экан, холос. Бу қўзичоқ камбағал сотиб олганда жуда кичкина бўлиб, унинг болалари билан бирга катта бўлган экан. Қўзичоқ камбағалнинг дастурхонидан нон еб, қўлидан сув ичар экан. Ҳатто фарзандлари каби унинг қучоғида ухлар экан. Бойнинг уйига бир мусофир меҳмон бўлиб келибди. Бойнинг шунча қўй, моллари бўла туриб, у қизғанибди. Шунда меҳмон бўлиб келган мусофирга камбағалнинг қўзичоғини сўйдириб, уни меҳмон қилибди. Довуд тахтнинг тирсакқўйғичини муштлади. — Худо шоҳид! Шу ишни қилган одам ўлимга лойиқ! Раҳми келмай яккаю ягона қўзичоқни тортиб олгани учун камбағалга тўрт ҳисса хақ тўлаши лозим! Натаннинг кўзлари яшиндай чақнаб кетди. — Ўша одам сенсан! Довуддан совуқ тер чиқиб кетди, бадани увишди. — Исроилнинг Худоси — Эгамиз шундай демоқда, — Натан хотиржамлик билан гапирса-да, лекин унинг сўзлари жуда таъсир-чан эди. — «Мен сенга ёғ суртиб Исроил шоҳи қилиб тайинладим. Мен сени Шоулнинг исканжасидан қутқардим. Унинг уйларини, хотинларини сенга олиб бердим. Эдомликларнинг ва Исроилликларнинг уйларини ҳам сенга бердим. Агар булар камлик қилса, бундан кўп қилиб қўшиб берган бўлардим». Довуд ваҳимага тушди, уни титроқ босди. — Нега энди Эгамизнинг кўз ўнгида сен Унинг сўзларини писанд қилмадинг? Хеттлик аскар Уриёни ўлдириб, унинг хотинини ўзингники қилиб олдинг? — деб давом этди Натан. Ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси анқайганича Довудга тикилиб туришарди. Довуднинг пешонасидаги тер томчилари чаккаларидан пастга оқиб тушарди. Худо Довуднинг қулоғини очди! Довуд Натан орқали айтилган ҳақиқатни эшитди. Худо унинг кўзларини очди! Шоҳ содир этган ёвузликни ўзи англаб, даҳшатдан бақириб юборди. Нега Довуд олдин ожиз эди? У Худони шунчалик қаттиқ севса-да, қандай қилиб гуноҳ ботқоғига ботиб қолди? Довуд тахтидан зудлик билан турди-да, ўзини пайғамбарнинг оёқлари остига ташлади. Эгамизнинг назари Довудга тушгандай туюлиб, шоҳнинг юраги дукилларди. — Шундай қилиб, — деди Натан, — Менинг қиличим сенинг хонадонингни тоабад тарк этмайди. Чунки сен Мени инкор этдинг, хеттлик Уриёнинг хотинини тортиб олдинг. Хонадонингдаги ёвузликни сенинг бошингга соламан. Хотинларингни олиб, яқин одамингнинг қўйнига соламан. Куппа-кундуз куни у сенинг хотинларингни зўрлайди. Сен қоронғуда яширинча иш қилган эдинг, Мен бутун Исроил халқининг кўзи ўнгида шу ишни қиламан». Довуд ғам-ғуссага ботди. — Эгамнинг олдида гуноҳкорман! Шоҳ ўлимга маҳкум! Уриё мактубни олганда, ўлимига рўпара келишдан олдин, орқасига қайрилиб шоҳга қараганини Довуд эслади. Нега Довуд бундай қилди? Шоҳ йиғларди. Дўстим! Дўстим, қадрдоним! Довуд, Худо мени ўлдиради энди, деб кутарди. Аммо Довуд бошида Натаннинг қўлини сезди. — Эгам сени кечирди, сен ўлмайсан. Ҳайрон бўлган Довуд бошини кўтарди. Ёш боланинг сочларини силагандан, Натан Довуднинг сочларини силади. Пайғамбарнинг кўзлари ғамгин эди. — Лекин, — давом этди Натан қаддини ростлаб, — бу билан сен Эгамизни Унинг душманлари ҳақорат қилишларига имкон яратиб бердинг. Шунинг учун туғилган чақалоқ ўғлинг нобуд бўлади. Довуднинг юраги ёрилиб кетай деди. У зорланиб Натанга тикилди. Лекин унинг кўзларида шафқат кўрмади. Ўғлининг ўлиши Бурсабо учун қандай даҳшат эканини ўйлаган Довудни нафаси ичига тушиб кетди. Шоҳ кўзларини юмиб бошини эгди. Натан эса ўгирилиб меҳмонхонадан чиқиб кетди. * * * Бурсабо олдинига ўғли овқат емаётганидан ҳавотирланди, безгак тутиб инграётганини кўргандан кейин жуда қўрқиб кетди. У қўлидан келганича боласига ёрдам қилди, лекин ҳамон безгак хуруж қилар, борган сари болани ҳолдан тойдирарди. Бурсабо ўғлини қўлида кўтарганича тебранарди. Кўп тебранганидан она чарчади. У болани бағрига босганича ўриндиғига ётди. Ўғлидан ажралиб қолишидан қўрқиб, Бурсабо тинмай йиғларди. — Довуд қани? Унинг хабари борми? — У билади, — деди ҳарам хизматкори. — Ҳозир у рўза тутиб Худодан бола соғайиб кетишини илтижо қилиб сўраяпти. Бурсабода умид учқуни порлади: Довуднинг ҳар бир ибодатини Худо эшитмаганмиди?! Парвардигор доим унга мадад бермаганмиди?! Бурсабонинг ўзи ибодат қилишга ботинмади. Кун ўтган сари бола дармонсизланиб борарди. Еттинчи куни Бурсабо қўлида ўғлини кўтариб секингина ибодат қилаётганда бола жон берди. Бир дақиқа онанинг ҳам юраги тўхтаб қолгандай бўлди. Бурсабо бақир-чақир қилмади, сочларини юлиб кийимларини йиртмади. Кўзини юмиб, жимгина ўзининг каравотида мурғак ўғлининг жасадини қучоқлаганича ётаверди. Худойим, Сен менинг ўғлимни олганингни биламан. Нега Сен унинг ўрнига менинг жонимни ола қолмадинг? Қачонлардир ўз фарзандларидан айрилган аёллар Бурсабога ҳам-дард бўлишди. Қолганлари эса, гуноҳкор Бурсабони Худо ўғли орқали жазолади, деб ўйлаб жим туришарди. — У шундай жазога лойиқ эди, — пичир-пичир қилишарди хотинлар. — Қаранглар Парвардигор қандай қилиб гуноҳкорларни жазолаётганини! — шивир-шивир қилишарди саройдагилар. — Бошқаларга қилган ёмонлиги ўзига қайтди. Бурсабонинг ёнида Обигайл ўтириб олиб йиғлар, бечора онанинг бошини силарди. Ўша мудҳиш куни Бурсабо чақалоғини қандай қучоқлаб ўтирган бўлса, ҳозир Обигайл худди шундай қилиб Бурсабони олиб ўтирарди. Бурсабо эса ўпкаси тўлиб бўзларди. Ва ниҳоят руҳан тушган, ҳолдан тойган Бурсабо бир нуқтага тикилганича ётиб қолди. — Довуд келмади. Бир маротаба ҳам келмади. Мен унга хабар берганман. Бизнинг фарзандимиз ўлганини у билатуриб келмади. У мени севади, деб ўйлардим. Обигайл қўлларини Бурсабонинг елкасига қўйди. — Шоҳ етти кун рўза тутиб, ибодат қилди. У тинмай Эгамиздан мар-ҳамат сўради. Руҳонийлар боланинг ўлганини Довудга айтишга қўрқишяпти. Чунки шоҳ ўзини ўлдириб қўйиши мумкин, деб чўчишяпти. Бу гапларни эшитиб қўрқиб кетган Бурсабо ўтириб олди. Обигайл бошини сарак-сарак қилди. — Қўрқма. Менга айтишлари бўйича, юз берган воқеадан Довуд хабардор. Сарой хизматкорлари унга етказишибди. У ўрнидан туриб ювинибди, бошига ёғ суртиб, кийимини алмаштирибди. Сўнг Худо-нинг уйига кириб ибодат қилибди. Кейин саройга қайтиб овқатланиб ўтирибди экан. Бурсабо яна ўриндиққа чўзилиб девор томонга бурилиб олди. — Худо шунчалар бераҳм. — Сен бундай демаслигинг керак. — Нимага? Бегуноҳ чақалоқни ўлдиргунча Худо менинг жонимни олиши керак эди! Майли, У энди мени урсин! — Бурсабо сочларини юлиб бўзлаб йиғларди. — Бу менинг гуноҳим, меники! Нега Унинг қахрини бегуноҳ гўдакка сочди? — Бурсабо бақирганидан овози бўғилиб қолди. — Ўғилгинам… Оҳ! болагинам… Обигайл Бурсабонинг юзларини силаб, ўзига қаратди. — Кўп куюнавермагин, касал бўлиб қоласан. — Майли, мен ҳам касал бўлиб ўлиб кетай! — бўкирганича Бурсабо мук тушиб қўллари билан бошини чангаллади. — Нега менинг қилган гуноҳим эвазига Худо боламни жазолади? Нега? — Билмадим, — деди секингина Обигайл. Бурсабо мушкул аҳволда деворга қаради, бошқа бир оғиз сўз ҳам гапирмади. * * * Довуд овқатланиб бўлагандан кейин, маслаҳатчилар унга фикрларини айтишга шошилишди. — Уриёнинг хотинига алоҳида уй ажратиб бериш керак. Сиз энди уни бошқа кўрмасангиз яхши бўларди. Довуд гап нимадалигини англаб, бошини кўтариб қаради. Ожизаларни айблаш жуда осон. — Халқ, — деди бошқа маслаҳатчи. — Сиз халқни ўйлашингиз керак. Довуд ҳақиқатдан ҳам халқни ўйларди. Қилган гуноҳининг оғирлиги, жабру-жафоси одамларнинг кўз ўнгида қалбига, гарданига тушди. Нега у бунчалар ожиз бўлган экан? Бу ишни қилишга қандай журъат этди? Наҳотки у қандай мусибатлар келтириши мумкинлигини ўйлаб кўрмади? Айни пайтда Довудни ўраб олган эркаклар, қари товуқлар сингари, кимни чўқишни билмаяпти. — Бурсабо қаерда яшашини сиз ҳал қилишингиз керак. Чунки қўллари билан ундан ўч олмоқчи бўлганлардан Бурсабони ҳимоя қилиш керак. — Бурсабони Мелхолага ўхшаб алоҳида жойлаштиришингиз керак. — Шоҳим, агар сиз уни Хевронга ёки Ерихога жўнатсангиз яхши бўларди. Довуд идишни четга суриб ўрнидан турди. — Мен сизларнинг маслаҳатларингизни эшитиб бўлдим, — деди шоҳ синчковлик билан уларга тикилиб. — Менинг қилган гуноҳим учун Бурсабо жазоланмайди. Худо олдида қилган гуноҳимни бўйнимга олиб тавба қилдим. Халққа ҳам мен рост гапираман. Довудни чин юракдан ҳурмат қилганлар унинг сўзларини маъқуллашди, бошқалар эса бошларини қуйи солганларича, ўзларини итоаткор қилиб кўрсатишди. Шу одамлар билан шоҳ саҳрода дарбадарлик йилларини ўтказмаганмиди? Чиройли либослар ва фаровон ҳаёт уларни ўзгартирмади. Саройда шундай одамлар борки, улар оч ва йиртқич арсонлар сингари ўлжа қидириб юришади. — Худо мени кечирибди, Натан ўзимга айтди. — Ҳа, шоҳим. Сизни Худо кечирди. Лекин У мана бу аёл тўғрисида ҳеч нима демади-ку. Бу — аёл. Сўзлар билан қанчадан-қанча нафрат ёғдириш мумкин. — Уриёнинг ўлимида Бурсабонинг айби йўқ. — Шоҳим, аёллар қачон бегуноҳ бўлишган? Адан боғида эркакни гуноҳга етаклаган аёл эмасмиди?! Довуд сарой аъёнларининг кўзларига қараб, сесканиб кетди, чунки бу кўзларда у раҳм-шафқат хиссини кўрмади. Осонликча улар Довуднинг гуноҳидан ўтишди, чунки у тахтда ўтирган шоҳ. Ҳамма гуноҳни эса бечора аёлга юклаб қўйишди. — Сизни бутун Исроил халқи яхши кўради, — деди маслаҳатчилардан бири. Лекин у аслида тилёғламачилик қилаётганини Довуд биларди. — Мен қавмбоши бўлиб ўз қўйларимни тўғри йўлдан адаштирдим. — Сиз шоҳсиз, сизнинг халқингиз хавф остида, шоҳим. Гуноҳларни ювиш учун қурбонлик сифатида келтирадиган айбсиз, бенуқсон қўзи ўша эмасми? Бундай шафқатсиз сўзлардан Довуднинг кўзларига ёш келди. — Эгам қўзичоқни танлади. У менинг ўғлимни олди. Шоҳ маслаҳатчиларига тескари қаради-да, тўғри Бурсабонинг хонасига кетди. Одамларга гап-сўз бўлмай деб узоқ вақт ундан узоқлашиб юрди. Ўша иғвогарлар энди Бурсабони йўқ қилиш пайида юришибди. Довуд хонага кириб келганда, Бурсабо деворга тикилганича мурдага ўхшаб қимирламай ётарди. Буни кўрган Довуднинг юраги ачишиб кетди. Шоҳ имо билан чўри қизга жавоб бериб, ўриндиқнинг четига ўтирди. — Бурсабо, — секингина чақирди уни Довуд. Бурсабо чўчиб қўллари билан бошини беркитиб олди. — Бурсабо, — шоҳ аёлни ўзига қаратиб маҳкам қучоқлади, — мени кечир. — Бизнинг ўғлимиз…Бизнинг ўғлимиз… Бурсабо эрини қучоқлаганича йиғлади, бармоқлари билан эрининг туникасини маҳкам ушлаб олди. Довуд унинг елкасига бошини қўйиб қўшилишиб йиғлади. — Гуноҳ менинг бўйнимда, — деди у ҳиқиллаб. Бурсабо бирдан шоҳдан қўлларини тортиб олди. Қайғудан пешонаси тиришди. — Йўқ, йўқ! Бу менинг гуноҳим! — Бурсабо… — Ким сизнинг орқангиздан доимо эргашиб юрарди? Ким эрининг ёнида ўтириб, кўзини сиздан узмасди? Ким ўз ҳовлисида, сизнинг нигоҳингиз тушсин, деб уятсизларча чўмилди? Ким эри урушдалигидан фойдаланиб ўзини сизнинг қучоғингизга отди? — Бурсабо тинмай кўкрагини муштларди. — Бу мен эдим! Мен! Довуд унинг бармоқларини сиқди. — Бурсабо, Худо бизнинг фарзандимизни жазоламади. Аксинча, Худо уни ёвуз одамлардан узоқлаштирди. Бояги Довуд тарк этган маслаҳатчилар ёки бундай ҳолатдан фойдаланиб шоҳга қарши қўзғолон кўтармоқчи бўлганлар ёвуз одамларга киради. — Қанча одамлар ўғлимиз туғилганидан фойдаланиб, Худони ҳақоратламоқчи бўлди. Эгамиз ўғлимизни ёвузликдан қутқарди. — Мен ўғлимни кўргим келяпти! Ўғилгинамни бағримга босгим келяпти! Довуд бақувват қўллари билан Бурсабонинг бошини ушлаб, унинг ёшга тўла, қизарган кўзларига тикилди. — Жонгинам, фарзандимиз Худонинг қўлида. Мен уни сенга қайтариб олиб беролмайман, — Довуд яна Бурсобони бағрига босди ва ёш бола сингари овутишга ҳаракат қилди. — Вақти-соати келиб сен албатта яна у билан бирга бўласан. Бурсабо жим бўлиб қолди. — Эгам мени ёмон кўради. — Йўқ, — деди Довуд ва Бурсабонинг юзига тушиб турган қора сочларини қулоғининг орқасига йиғиштириб қўйди. Бурсабонинг ранги оқариб кетган, кўзларида ғам-ташвиш. Буларнинг бари Довуд-нинг дилини оғритарди. — Бурсабо, мен шоҳлик мавқеимдан фойдаландим. Сени кўрганимда ўз одамларимдан сенинг кимлигингни сўраган эдим. Сенинг эринг тўғрисида, сенинг отанг ёки бобонг ҳақида ўшанда ўйладимми? Менинг эсимга кўзлари порлаб турган, ҳамма ерда менинг кетимдан эргашиб юрган жажжи қизалоқ тушди. Сени қандай гўзал аёл бўлиб етилганингни кўрдиму сени хоҳлаб қолдим. Мен учун бир нарса зарур эди, бу ҳам бўлса ўз ҳирсимни қондириш! Қолган нарсалар мени қизиқтирмасди. Бу тутган ишим бошқаларга қанчалар қимматга тушишини мен ўйлаб ҳам кўрмадим, айниқса сенга! — Мен ҳам Обигайлга ўхшаб сизни огоҳлантиришим керак эди. — Обигайл мени учратганда, мен бошқача одам эдим. Ёш вужудим Худога бўлган севгидан ёнарди. Ўша кунлари мен жонимни сақладим. Атрофга қара. Мен энди қандай яшаяпман. Сарой деворидан сенга нигоҳим тушганда эса, мен гердайган, ўзига бино қўйган шоҳ эдим. Мана энди Довуд қандай одам эканлигини ўзи англаб етди, дили аламга тўла. У аскарларнинг қўмондони бўлишига қарамай, ўз бурчини бажаришдан бош тортди. Саройдаги базми жамшидга тўла ҳаёт уни талтайтириб юборди. Яна тағин гоҳида зерикиб ҳам қоларди. Ўз ҳовлисида чўмилаётган чиройли аёлни кўргач, аскарларини жўнатиб уни саройга олдириб келди. Нега энди шоҳнинг хоҳлаган нарсаси муҳайё бўлмаслиги керак?! Ахир, у — шоҳ-ку! Қандай тентак бўлган экан у! — Мен ўзимга жуда ишонган эдим! Хаёлимда бутун салтанат менинг қўлимда эди. Истаган нарсам муҳайё бўлиши шарт, деб ўйлардим. Шундай қилиб сени эрингдан тортиб олдим, сен ҳомиладор бўлдинг. Сўнгра қилган гуноҳимни ўз дўстимни ишга солиб, беркитмоқчи бўлдим. Уриё менга қараганда адолатли экан. Бурсабо сесканиб тушганини Довуд сезди. — У билармиди? — чўчиб сўради Бурсабо. — Ҳа, у биларди, — Довуд кўзларини юмди, юрагига ханжар санчилгандай бўлди. — Бурсабо, мен ўз жазоимни оламан, чунки бегуноҳ одамларнинг қонини тўкдим, — ғам, ўзидан жирканиш хисси шоҳни чулғаб олди. — Эгам мен учун кўп марҳамат қилди, мени эса шаҳвоний нафс бўйсундириб олди. Мен Эгамдан — шунча ғалабани менга ато қилган Худодан юз ўгирдим. — Менда ҳам айб бор. Гуноҳимни сизга бўлган севгим билан оқламоқчи бўлдим. — Уриёни сен ўлдирмадинг. — Одам ханжар тиғидан олдин руҳан ўлиши ҳам мумкин. Бурсабонинг рангпар юзларидан яна ёшлар оқди. Уриё вафодор эр, жасур ва ҳақиқий аскар эди. Бурсабо унинг юрагини чилпарчин қилди, хотинини деб уни ўлдиришди. Довуднинг гапиришга ҳоли қолмади. У хотинини бағрига босди. Қонунни яхши билган, ҳурмат қилган бу икки инсон нега ўзларини бу қадар бемаъни тутишди? Қачон ва қандай қилиб гуноҳ уларнинг ҳаётига раҳна солиб, инсофларини ўлдириб, ўзларини қул қилиб олган эди? Балки гуноҳнинг дастлабки уруғи ташланганига анча бўлгандир: ўшанда Бурсабо бўйи етиб қолганини Довуд кўрган, Елиёмдан уни сўраб олиш хоҳиши туғилган, лекин Бурсабони бошқага бериб юборишган эди. Ўшанда бўлган эдими? Ҳа, ўшанда сепилган гуноҳ уруғини Довуд хаёлпарастлиги билан суғориб юрган эдими? Аммо Бурсабога бўлган ҳис-туйғуси ўткинчи эмас эди. Довуд уни нафақат хоҳларди, балки қаттиқ севарди! Довуд Бурсабонинг иягидан ушлаб, уни ўпди. Аёлнинг лаблари титради. Довуд яна бир марта бўса олди, Бурсабо ҳам унга жавоб қайтарди. Довуд бошини кўтарганда, Бурсабо яна унга ёпишиб олди. — Эгамиз бизни кечирди, — деди шоҳ. У кўзларини юмиб, Худога шукроналар айтди. — Эгамиз бизнинг ҳаётимизни сақлаб, марҳаматини кўрсатди. Мени сендан воз кечсин, деб айтмади. — Лекин биз йўл қўйган хатомизни ва бу хато туфайли кўпчиликни ранжитганлигимизни билиб туриб қандай яшаймиз? — Биз бугун билан яшаймиз, нима бўлган тақдирда ҳам, биз хатомизни қўрқмасдан қарши оламиз. — Мен энди келажакка олдиндан боқмайман. Оҳ, Довуд, мен ҳамма нарсани энди шундай равон кўрганлигимдан дилим жуда азоб чекяпти. Жабру жафо кўрадиган фақат иккимиз эмас, — деди Бурсабо эрининг қучоғидан чиқиб. Сўнг Довуднинг кўзларига тикилди. — Агар азоб-уқубат фақат иккимизнинг бошимизга тушганда эди… Довуд унинг иягидан яна ушлади. — Натан Эгамизнинг сўзини аён қилди. Мени нима кутаётганини биламан. Бурсабо яна эрининг қучоғига отилди, Довуд эса уни бағрига босди. — Довуд, мен сизни севаман. Мен доим сизни севганман. Нима бўлишидан қатъий назар, мен барибир сизни севаман! — Биламан, — деди Довуд маъюс жилмайиб. Уларнинг ўртасида «севмайди» деган гумон йўқ эди. Довуд ҳам Бурсабони бошқа хотинларига қараганда қаттиқроқ севарди. Довудни фақат бир нарса қийнарди — у ҳам бўлса Бурсабога етишиш учун кўп дўстларидан айрилгани. Менинг Бурсабога бўлган севгим ҳаммасини оқлайди, деб ўйларди шоҳ. Уриё ҳамма жангларда Довуд билан елкама-елка турган бўлса, Елиём шоҳ билан бир чодирда ётиб, бир дастурхондан овқат еган, Ахитофел — ажойиб ҳарбий маслаҳатчи эди. Энди улар чин дилдан шоҳга хизмат қилишадими? Шоҳга нисбатан бўлган дўстлик ришталари ҳозирда нафратга айланган, чунки Довуд уларга ҳиёнат қилди. Ахитофел набирасининг исмини энди тилига олмасликка қасам ичди. Бурсабо ўғлини туғаётганда, онаси бир марта бўлса ҳам хабар олмади. Бурсабо бу ҳақда ҳеч оғиз очмаса-да, бутун қариндош-уруғи ундан воз кечган эди. Довуд қўлидан келганича барбод бўлган дўстлик ришталарини ва ишончни тиклашга, Эгамизни мадҳ этишга қасам ичди. — Мени кечир, — деди у Бурсабога. Шоҳ унга қанча мусибат келтирган эди. Довуд Бурсабонинг поймол бўлган ор-номуси тикланишини, унинг қариндошлари, қолаверса, шоҳ хўрлаган ва таҳқирлаган инсонлар Довудни кечиришларини илтижо қилиб ибодат қилди. — Бизнинг ўғлимиз, — Бурсабо яна титраб йиғлашга тушди. — Бизнинг ўғлимиз… Довуд ёш хотинини қучоқлаб уни ўзига маълум йўл билан тинчлантирди. Довуд Эгамиздан, бизга шафқатингни кўрсат, Бурсабо иккимизга қилган гуноҳимиз учун вафот этган ўғлимизнинг ўрнига яна бир фарзанд ато қил, деб сўради. Бешинчи боб Бурсабо яна ҳомиладор бўлгач, хурсанд бўлишга шошилмади. Тўсатдан Худо яна унинг фарзандини олиб қўйса-чи? Борди-ю бу боласи ҳам, тўнғич ўғли каби, унинг қўлида ўлиш учун туғилса-чи? Бой-бадавлат, шоҳнинг суюкли хотини Бурсабо ҳаммадан алоҳида, танхо яшарди. Дўстлари ва қариндош-уруғлари ҳамон ундан ўзларини олиб қочишарди. Довуд ўз аскарларига бош бўлиб Раббада жанг қилаётган эди. Ҳақоратланган Бурсабо ҳимоячисиз, саройдаги душманларнинг қуршовида қолди. Нафақат саройдагилар, балки халқнинг ҳаммаси Бурсабони фоҳиша деб билишар, онаси каби уни ҳамон қоралар эди. Ўз туққан онаси ундан воз кечгандан кейин, Худодан марҳамат кутиш мумкинми?! Ҳали ҳеч бир кимса унинг гуноҳини кечирмаган бўлса-ю, Павардигор унинг хатоларини кечирганига қандай қилиб ишониш мумкин? Пайғамбар Натан Довудга, Эгам сени кечирди, деб айтди. Бу, Худо Бурсабони ҳам кечирди, дегани эмасмикан? Гарчи Довуднинг Бурсабога, Худо сени ҳам кечирган, деб айтган бўлса-да, лекин аёлнинг бунга ишонгиси келмасди. У доим ваҳимада яшарди. Довуднинг саройида Бурсабонинг ўз нарсаси йўқ эди. Эгамизга гуноҳини ювиш учун қурбонликка буқача ёки қўзичоқ сотиб олишга ҳам пули йўқ. Худога бериши мумкин бўлган нарса — бу пора-пора бўлган юрагию қолган ҳаётини тоат-ибодатда ўтказиш. Бурсабо: «Қанийди неча йиллар ортимга қайтсаму, яна ёш бола бўлиб қолсам, онамнинг иссиққина бағрида бехавотир ётсам», деб шундай орзу қилардики! Оловда исиниш учун келган аскарларга бобоси насиҳат қилаётганда, унинг тиззасида ўтириб доно сўзларини тинглашни Бурсабо қанчалар хоҳларди! Ўшанда у бутун Исроил лашкарининг қўмондони, санолар куйчиси, келишган шоҳни орқасидан қувиб юрган бокира қизча эди. Ҳозир-чи? Айни пайтда Бурсабо шоҳ Довуднинг саккизинчи хотини, ҳурмат — эътиборга сазовор бўлган шоҳ билан саройда яшаш учун ўз эрини ўлдиришга ундаган, етти иқлимга донғи кетган фоҳиша! Халқ шоҳ Довудни кечириб, бутун гуноҳни Бурсабога юклаган. Одамлар Довудга бунчалик илтифот кўрсатишганидан Бурсабо хафа бўлмасди. Қилинган айбнинг жабрини кимдир тортиши керак. Майли, оғирлик Довудга эмас, Бурсабога туша қолсин. Нима бўлибди, у оддий аёл. Довуд бўлса ҳамма севган, ҳамманинг ҳурматини қозонган шоҳ! Лекин қачонлардир мен ҳам бошимни тик кўтариб юра оламанмикин? Эгамга мен шукроналар айтганимда, худди мен Уни айблаётганимдай одамлар қовоқларини солиб менга қарашади. Улар Сенга сажда қилишга келганларида, маъбадда мен ўтирганимни кўришса, Сендан ҳам юз ўгириб кетишади, чунки одамларнинг фикри-зикри — мендан ўч олиш. Бурсабо Эгамиздан, гуноҳларимни кечиргин, дилимни поклагин, деб ибодат қиларди. — Эй, Эгам, шундай қилгинки, менинг жисмимда Сенга маъқул келадиган юрак уриб турсин. Мени зулматга ҳайдамагин. Ҳатто ибодат пайтида ҳам Бурсабо дағал муомаласидан уяларди. Раҳм-шафқат сўрашга қандай журъат этяпти? Кўпинча у кечаси хонасида ёлғиз қолганда, ваҳима ҳужум қилар-ди. Бахтли она бўлишга унинг ҳам ҳақи борми? Йўқ. Қанча оналар Уриё билан бирга ўлдирилган фарзандларига аза тутиб йиғламоқдалар! Яна қанча аёллар шаҳид кетган эрлари, ака-укалари ёки қариндош — уруғларига мотам тутмоқдалар! Йўқ, бахтли бўлишга у ҳақли эмас! Лекин боласи-чи, оҳ, болагинаси-чи? — Эй, марҳаматли Эгам! Фақат Сен мени авф этишинг мумкин. Эй, Эгам, азоб чекаётган аёлларга тасалли бергин. Уларнинг хонадонларида хурсандчилик ҳукм сурсин. Мени нима қилсанг, қилгин, фақат Сендан илтижо қиламан — ўғлимга раҳм қил! Менинг қилган гуноҳларимда унинг айби йўқ! Кўпчилик Бурсабони бармоғини бигиз қилиб кўрсатиб, унинг ке-тидан бошларини чайқаганлари билан, у барибир Эгамизнинг марҳаматига ишонарди. Фарзанди осон туғилди. Чақалоқ ўғил бўлиб, соғлом, бақувват ва чиройли эди. Бурсабо қўлида иккинчи ўғлини ушлаганича йиғларди. Унинг вужудида оналик меҳри ёнарди. Лекин у ҳали ҳам кўкрагини сўраётган боласига қўрқув билан қарарди. Чақалоқ ўнг қўли билан онасининг катта бармоғини маҳкам ушлаб олди. — Ўғлимни Сенга тоат-ибодат қиладиган ҳақиқий Художўй қилиб тарбиялайман, Эгам! Унга Сенинг қонунларингни севишни ўргатаман, — Бурсабо ўғлининг кичкина қўлчаларини ушлаб ўпди. Юзларидан кўз ёшлари оқарди. — Мен унга Сулаймон деб исм бераман, чунки у туғилиши туфайли мен Худо — бу ҳаёт эканини тушуниб етдим. Ўтиниб сўрайман Сендан, Эгам, менинг гуноҳимдан ўт. Ўртамизда тинчлик ҳукмрон бўлсин! Бир неча соатдан кейин Натаннинг қўли билан ёзилган мактуб келди. Унда шундай ёзилган: «Сенинг ўғлинг Худо севган Ёдудун номини олиб юрсин». Бурсабо кулиб юборди. Эй, Парвардигор! Сен менинг гуноҳимни ювиб ташлаб, Ўз меҳринг билан қалбимни иситдинг. Атрофдаги ҳамма одамлар Бурсабонинг устидан кулар, ҳеч ким унинг ўғлини туғилгани муносабати билан байрам уюштирмади. Фақат Эгамиз унга марҳаматини ва мурувватини инъом этди. Бурсабо миннатдорчилик хисси ва завқу шавққа тўлиб тошган эди. — Менинг ўғлим… менинг ўғлим! — у хурсандчиликдан йиғларди. У мурғаккина чақалоқнинг жажжи юзларидан ўпарди. — Мен ўз қайғуларимни Эгамга олиб келдим. Мен Унинг раҳм-шафқатига нолойиқ бўлсам ҳам, қилган илтижоларимни У эшитди ва Ўз тахтида ўтирганича менга марҳамат ато этди. Бурсабо хурсандчиликдан куларди, хурсандчилик кўз ёшлари юзларидан оқиб, Сулаймоннинг пешонасига томарди. У ўғлининг пешонасидаги кўз ёшларни меҳр билан артиб қўярди. — Ёдудун, — деди Бурсабо. У ўғлининг икки юзидан ўпиб, қўлларига ўрнаштириб кўтариб олди. — Ёдудун, — фарзандини қучоқлаб бағрига босиш онага жуда ёқарди. — Менинг косам Худонинг марҳамати билан тўлиб-тошган, — пичирларди у боласининг орқаларини силаб. Ёдудун. Худо унинг ўғлига «Худо севган» деб исм берди. * * * Рабба қулади, мағлуб бўлган оммонлар арра, темир, тегирмон тоши ва болталар билан қатл этилди; оммонларнинг худоси Малахнинг бутхона ва саждагоҳи вайрон қилинди, шаҳар деворлари бузиб ташланди. Ўз аскарларини шаҳардан олиб чиқишдан олдин Довуд оммонларга шундай буйруқ берди: улар ғиштларни куйдириб ташлаб, Довуд мағлуб қилган шаҳарни бошқатдан қуришлари лозим. Довуд ўз қўшинини Қуддусга бошлаб келаётган эди. Сохта бутлар Эгамизга бас кела олмаслигини кўрсатиш учун Довуд бошига Малахнинг тожини кийиб олди. Бир неча от-аравалар ўлжага тўлдирилиб Довуд бошчилигида шаҳар дарвозаларидан кириб келаётганда, халқ уларни олқишлаб кутиб олди. Довуднинг кетидан ҳарбий қўмондонлар ва маслаҳатчилар, сўнг оддий аскарлар келарди. Шоҳ маслаҳатчилари орасида Бурсабонинг бобосини кўриб қолди. Довуд билан бобосининг ўртасидаги дўстлик ришталари яна тикланиб қолади, деган умид Бурсабонинг ҳаёлига келди. Балки Ахитофел чевара кўрганини эшитиб, Бурсабони кечиргандир. Аммо кейинчалик Йўрамнинг гапини эшитгач, Бурсабо тушкунликка тушганича қолган эди. Довуд Раббага ўз хоҳиши билан бормади. Йўаб шоҳга чопар жўнатиб, тезлик билан Раббага етиб келинг, деб хабар берди. Чунки Йўаб ғалаба қозонган, Довудни шоҳлик тожи кутаётган эди[9]. Шу йўсинда Йўаб шоҳликка даъво қилиб қолиши мумкин эди: Сен шоҳсан, ва сен бу тожни кийиб юрасан, аммо Раббани мен қўлга киритганимни эсингдан чиқармаслигинг керак! Бурсабо Довуддан ҳавотирланарди. Йўаб ва унинг акаси Абушай қаттиққўл аскарлар бўлиб, жуда ҳам жиззаки, кек сақлайдиган эдилар. Бурсабо Уриёнинг уйида эканлигида Шоул қўшинининг ўта кучли аскарларидан бири Абунурнинг ўлими ҳақидаги гапни эслади. Гивон қудуғи ёнида бўлиб ўтган жангдан кейин Абунур Йўабнинг акаси Асойилни ўлдирди. Йўаб эса акасининг ўчини олиш ниятида Абунурни ўлдирди. Бурсабо ўшанда Абунурнинг ўлганини эшитгач, Довуднинг жаҳли чиқиб, анча вақт йиғлаган эди, деган воқеаларни эслади. Довуд бутун халқнинг олдида Йўабни ёвузлиги учун жазога ҳукм қилди. Айни дамда Довуднинг ҳаёти учун Бурсабо янада кўпроқ ташвишланарди. Чунки Йўаб яна ҳам кучли, шафқатсиз эди. Уриё билан бирга бошқа аскарларни ўлимга юбориш фикри Йўбдан чиқмаганмикин? Уриёнинг ўлими табиийроқ чиқиши керак, деб Йўаб қайтанга Довуднинг гуноҳини янада оғирлаштирди. Уриёнинг ўлими ҳақидаги нохуш хабарни ҳам Йўаб айблов ҳукмидай қилиб йўллади: унда Йўаб Довудга Гидоннинг ўғли Абумалекни аёл киши девор устидан туриб тегирмон тошининг синиғини ташлаб ўлдирганлиги тўғрисида эслатган. Йўаб бу айблов ҳукмини Бурсабога қарата айтганини, бунинг устига, у Довуднинг тахтдан қулашига Бурсабо сабабчи бўлишига ишора қилган. Гарчи Довуднинг ишонгиси ва кўз олдига келтиргиси келмаса ҳам, Йўаб шоҳнинг душмани эканлиги хавф туғдирарди. Довудни ўраб турган одамлардан ва унинг оила аъзоларидан яна қанчаси унга қарши бош кўтаради? Уни йўқ қилиш мақсадида қанча фитналар, яна қанча суиқасдлар уюштирилади? Қанча душманлари Довудга тузоқ қўяди, ғаламислик қилади, уни тахтдан ағдариш учун турли режалар тузади? Натан шоҳ Довудни хавф-хатардан огоҳлантирган. Саройдаги вазият ўта кескин бўлиб, душманлик муносабатлари ҳукм сурарди, шуҳратпарастлик ва рашк авж оларди. Довуднинг хотинлари ўғилларини гижгижлаб, тахтни эгаллаш учун курашаётганига Бурсабо бир неча бор гувоҳ бўлган. Улар ўз арзандалари учун салтанат талашишарди. Довуднинг Бурсабони севиб қолиши — бу бошқа хотинларнинг режалари барбод бўлиши деганидир. Довуднинг ўғиллари такаббур, манман ва кеккайган бўлиб ўсган. Лекин шоҳ уларни жиловлашни хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳаммадан ҳам Бурсабо ўз бобосидан қўрқарди. Унинг ёшлиги жанговар одамлар орасида ўтди. Ахитофелнинг гулхани атрофида ўтирган эркакларнинг гапларига қулоқ солиб ўтирган Бурсабо, отасининг душманлар ва иттифоқдошлар ҳақида айтганларини эслади. Балки унинг бобоси ўзини Довудни кечирганликка солиб, аслида шоҳдан ўч олиш режасини тузаётгандир? Набираси билан Довуд уларнинг хонадонига келтирган иснодни бобоси кечириб, эсидан чиқариб юборганлигига Бурсабо ишонса бўладими? Унинг бобоси кўзлаган мақсадга эришадиган тадбирли одам. Шоҳни қай йўл билан бадном қилишни у яхши билади. Бурсабо ўз гумонлари тўғрисида шоҳга айтганда, Довуд уни тинчлантирди. — Ахитофел билан гаплашдим. У менга содиқ қолишга сўз берди. Ундан ташқари, Ахиноямга қараганда Ахитофелга икки баробар кўп совға-салом бердим. Аёл киши тушунмайдиган нарсалар тўғрисида ҳеч ҳам ҳавотирланма. Бурсабони тушунишича, Довуд қолган одамларига қараганда кўпроқ унинг бобосини иззат қилишини, Бурсабони эса биринчи хотини билан тенг кўришини намоён қилмоқчи бўлди. Лекин Ахитофел бундай муносабатни, пора бериб одамни сотиб олиш, деб ўйлади. Адоват инсоннинг юрагида ўрмондаги олов каби ёнади, ҳеч қандай инъому ҳадялар бу алангани ўчира олмайди. Бурсабо бобоси бераётган харбий маслаҳатларга эҳтиёткорлик билан ёндошиши кераклигини бир неча марта Довудга уқтирмоқчи бўлди. Лекин бефойда — шоҳ қулоқ солгиси келмади. Ахитофелнинг душман эканлигига Довуднинг ишонгиси келмасди. Биринчи бор Довуд билан Бурсабо тортишиб қолишди. Илк бор шоҳ тонг отмай хотинининг ёнидан туриб кетди. Кейинги келганда эса Бурсабога ҳеч сўз айтмади ҳам. Бурсабо: «Довуд яна уйланибди, янги хотини Бурсабодан анча ёш экан, Бенямин қавмидан бўлган бой савдогарнинг қизи экан», деб эшитдию ўзини қўярга жой тополмай қолди. Унга хиёнат қилишгандай туюларди. Бурсабо кўзларида ёш билан Эгамиз қаршисида туриб ибодат қилди. Бурсабо соатлаб ўз мавқеи тўғрисида ўйларди. Охири ўзини ёш бола сингари тутаётганини англаб етди. Довуд шоҳ ҳисобланиб, ҳеч қачон фақатгина Бурсабоники бўла олмайди. Агарда у саройдаги ўз мавқеига — кўп хотинлардан бири бўлишга рози бўлмаса, унда ўзи ҳам, шоҳ ҳам бахтсиз бўлади. Ҳали келажакда Довуд бир неча бор уйланиб яна қанчадан-қанча канизак олади. Шунинг учун ҳар гал шоҳнинг кўзлари ўзга аёлга қараганда, Бурсабо юрагидаги санчиқ билан яшашга кўникиши керак. Шоҳнинг ёш хотинини саройнинг аёллар яшайдиган хоналарига бошлаб келишганда, Бурсабо ўзидаги рашкни жиловлаб, унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриб, кундошини илиқлик билан кутиб олди. Шундай қилиб, азоб-уқубатда чиниқиб Бурсабо улғайди. Довудни эса у болалигидан севарди. Бурсабо учун Довуд комил хисобланарди. Лекин энди аёл Довуд худо эмаслигини тушуниб етди. Шоҳ оддий одам бўлган, фақат Худонинг марҳамати уни бошқалардан фарқлади, холос. Довуд улкан ғалабаларни қозонишга ва даҳшатли ҳатоларга йўл қўйишга мойил эди. Чиндан ҳам, Бурсабога бўлган эҳтироси уни нобуд қилишига сал қолди-ку? Бурсабонинг ожизлиги эса ўзини нобуд қилиши мумкин эди. Мабодо Довуд ўлганда, Бурсабо ва унинг ўғли Ахитофел билан Йўабга ўхшаган қаҳри қаттиқ одамларга қарам бўлиб қоларди, Довуднинг ўғиллари ўртасида эса салтанат учун кураш авж олаётган эди. Бурсабони ваҳима босганда, у бутун эътиборини Эгамизга қаратарди. Худо унга қилган яхшиликларни ўйлаб ўзини овутарди. У ўғлига Довуднинг айтган саноларини куйлаб берар, Эгамизнинг уларга, бераман, деб ваъда қилган ва Довуд ўз саноларида айтган жаннат монанд ерни хаёлига келтириб тинчланарди. Ҳар гал Бурсабо шундай қилганда, унинг юраги завқу шавққа тўлиб кетарди. Эгамиз унинг қалқони ва нажоткори эди. Бурсабонинг қалбига У шифо берди. Довуд эмас, айнан У — Эгамиз! Довуд Бурсабо севган оддий одамгина, холос, У сажда қиладиган Худо эмас! Бурсабо эрининг камчиликларини, заиф жойларини яхши биларди. Аммо бу фазилатлар эрини зинҳор унинг кўз ўнгида камситмас эди. Таажжуб, лекин Бурсабо шоҳни айнан заифлиги учун янада кучлироқ севиб қолган. Икки йиллик азоб-уқубат Бурсабонинг кўзини очди. Бутун салтанат Эгамизнинг қўлида! Шунинг учун Бурсабо ҳар куни мук тушиб сажда қилади; кунда эрталаб уйғонгандан кейин, биринчи навбатда бошини эгиб Худога Унинг марҳаматлари учун шукроналар айтарди. «Ҳар доим Ўзинг менга раҳнамолик қилгин», деб илтижо айларди. Бурсабо доимо Парвардигордан Довудни ҳимоя қилишни, унга донолик ато этишни ўтиниб сўрарди. Ҳар гал Довуд билан бирга бўлганда, Бурсабо эрини овутишга, хурсанд қилиб ҳузур-ҳаловат бахш этишга интиларди. Жанжалкаш хотин тиқ-тиқ этиб томиб турадиган чаккидан ҳам ёмонлигини Бурсабо биларди. Шунинг учун Довуднинг ҳамма эҳтиёжларини қондириш, ҳатто мисол қилиб айтадиган бўлсак, шоҳнинг гапларини тинмай эшитадиган тингловчига ҳам айланишга рози. Бурсабо энди турли орзу-хаёллар оғушида юрган ёш бола эмас, балки ғам-ғусса ва қийинчиликларда иродаси тобланган аёл. У кўпинча Натан билан суҳбатлашади, ундан маслаҳатлар сўрайди, чунки Парвардигор унга донишмандлик ато этган. Бу оқшомда Довуд Бурсабо билан ётганда ҳам, ёлғизми ёки бошқа хотини биланми, барибир, Бурсабо доим Парвардигорга шу ўтган кеча ва кун учун шукроналар айтарди: кун ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон ўтган бўл-са ҳам. Довуд ҳар гал ўзининг ҳарамига яна бир хотин ёки канизак етаклаб келганда, Бурсабо азоб чекарди. У шоҳдан тўлақонли севгини кутмас, чунки бундай орзу унинг ғам-ғуссасини янада оғирлаштирарди, холос. Бурсабо юрагини тилка-пора қилаётган турли ҳис-туйғуларга берилмас, доимо битмас-туганмас севги булоғини у ёдида сақларди. Бурсабо ўзининг диққат-эътиборини Довуднинг бежо, ўйноқи кўзларига эмас, балки Парвардигорга қаратарди, Парвардигорнинг Ўз халқига нисбатан садоқатини эсларди. Бурсабонинг эри ҳалигача унинг ҳирсини қўзғатади, ҳозиргача ёлғизлигини, Довуднинг хиёнатини ўйлаб қийналади. Фақат энди у мушкул аҳволга тушмас, умидини йўқотмас эди. Исроилнинг Худоси — Эгамиз Довудга, Бурсабога Ўз севгисини, содиқлигини, гуноҳидан ўтишни ва тинчлик ато этишни инъом қилди. Худо унга ғамхўрлик ва раҳм-шафқат қилишини, паноҳида асрашини Бурсабо билади! Довуд яна бир бор уни таҳқирлаганда, Бурсабо дардини Эгамизга айтди, таскин топиш мақсадида унга мурожаат қилди. Чиндан ҳам, у нима сўраса, Парвардигор шуни берарди. Чунки Унинг севгиси битмас-туганмас, баркамол. — Эй, Эгам, Нажоткорим, — деб пичирларди Бурсабо Сулаймонга қарата. — Мен ҳеч нарсага муҳтож бўлмайман. У мени қўйнида асраб, тинч, сокин сувлар томон олиб боради. Руҳан қўллаб-қувватлаб, ҳақ йўлга — Ўзининг исми томон етаклайди. Агарда мен Ўликлар диёри бўйлаб юрганимда ҳам қўрқмайман, чунки Эгам мен билан бирга. Унинг ҳассаси ва таёғи менга хотиржамлик ато этади. Душманларим борлигини назарда тутиб, У менга кўпчилик овқатланадиган хонтахтадан жой берди, бошимга зайтун мойи суртди, менинг ҳис-туйғуларим тўлиб-тошган, — Бурсабо ўғлини ўпди. — Ҳаётимнинг ҳар бир кунига У барака, марҳамат келтирсин. Энди мен кўп вақтимни Эгамнинг уйида ўтказаман. Қолган хотин ва канизакларига қараганда, Довуд Бурсабони ҳузурига кўпроқ чакиртирарди. Ҳар гал шоҳ унга ўзининг беқиёс севгиси ҳақида гапирар, бу гаплар самимий, чин юракдан айтилаётганини Бурсабо билар эди. Шу билан бирга, Бурсабонинг ўйлашича, Довуднинг энг катта истаги — бу Худога маъқул келадиган, Унинг йўлидан борадиган ҳаёт кечириш. Мабодо Довуд бундай ҳаёт кечиришнинг уддасидан чиқмаса, унда Довуд умидсизликка тушганига Бурсабо гувоҳ бўлади. Бурсабонинг ўзи-чи? Довуддан нимаси билан фарқ қилади? У Эгамизга маъқул келадиган ҳаётга қанчалик кўп интилса, шунчалик кўп камчиликларини англаб етарди. Нега унда эрталабдан ярим кечасигача қурбонлик гулханлари ёниб туради? Кунларнинг бирида Довуд яна Бурсабонинг ёнига кирди. Хотини шоҳнинг қучоғида ётиб, эрининг гапларини диққат билан тинглади. — Мен кўпинча ўзимдан ўзим сўрайман: ўша куни саройнинг айвонида туриб, Эгамга юрагимни ёзганимда, Худо менга қандай ёрдам берган бўлар эди? Сен чўмилаётганингни кўриб, ўзим ишга киришмай, Унга илтижо қилганимда, У менга қандай йўл кўрсатган бўлар эди? — деди Довуд ва хотинига тикилганича унинг сочларини силади. Бурсабо кўзларини юмди. Оғир гуноҳ қилганига қарамай, Эгамиз уни марҳаматлади. Агар Бурсабо Унга содиқ ва итоаткор бўлганда, Эгамиз ниятини қандай қилиб амалга оширган бўлар эди, деб аёл ўйлаб ўтирган эди. Агарда Довуд унинг чўмилаётганини кўрмаганда, нима бўларди? Агар шоҳ уни саройга чақиртирмаганда ёки Бурсабо Уриёга содиқ қолганда нималар бўларди? Лекин Худодан жазо олган Бурсабо гуноҳни ювиш ва покланиш орқали ҳаёти ўзгарганлигини англади. Ундан ташқари энди у, ҳеч шубҳасиз, Парвардигорнинг марҳамати чексизлигини тушунди, Парвардигорга меҳрибонлиги учун шукроналар айтди. Унинг ҳаёти ва хоҳиши чилпарчин бўлди, лекин эътиқоди борган сайин кучаяверди. Парвардигор, мен хоҳлаганимча яшашим ва бахтли бўлишим мумкин, деб ўйлаган эдим. Мен хатога йўл қўйибман, қандай даҳшат йўлдан адашиш! Мени кечир! Худо уни кечирди. Довуд Бурсабони севишини ҳамма биларди. Чунки шоҳ унга ҳурмат билан, худди биринчи хотинидай муносабатда бўларди. Бутун диққат-эътибори Бурсабода бўлгани учун, Довуд саройда содир этилаётган турли муаммоларга аҳамият ҳам бермасди. Аёллар ва эркаклар Бурсабонинг шоҳга жуда яқинлигидан чўчиб, иложи борича Довуднинг кўнглини олишга харакат қилишарди. Шоҳ ҳам-ма ўғиллари билан, айниқса Абусалом билан фахрланар, лекин барибир Сулаймонга ўзгача меҳр қўйган. Сулаймон отаси каби Худони севарди. Довуднинг Сулаймонга бунчалик боғланиб қолиши яхшилик келтирмаслигини Бурсабо биларди. Шунинг учун у доим сергак тортиб юрадиган бўлди. Лекин Парвардигорнинг марҳамати Бурсабога нисбатан чексиз эди. Аёл Довудга учинчи ўғли — Шимўнни, тўртинчиси — Шўбабни ва бешинчи ўғли Натанни туғиб берди. Довуднинг бошқа хотинлари Бурсабодан ўзларини тортиб узоқроқ юришадиган бўлиб қолдилар. Улардан ҳеч қайсиси бошига шоҳнинг биринчи хотини Михалнинг куни тушишини хоҳламасди. Михал ҳозир узоқда акасининг болаларига қараб юрибди, чунки у бефарзандликка маҳкум қилинган. Лекин баъзи бир хотинлар ундан устун келишмоқчи ҳам бўлишади. Ахиноям ва Маха ўғилларининг юрагида Бурсабога нисбатан шубҳа уруғини сочишади, оилада жанжал чиқаришга интилишади. Улар ўғилларини манман, каландимоғ ва шуҳратпараст қилиб ўстиряптилар. Бурсабо атрофидаги одамлардан баъзи бирларига ишонарди, холос: Довудга, Обигайлга, ўзининг чўрисига ва пайғамбар Натанга. Шунинг учун бешинчи ўғлининг исмини ҳам у Натан қўйган. Пайғамбар Натан Бурсабонинг дўсти, маслаҳатгўйи. Бурсабо тамомила болаларининг тарбияси билан машғул бўлиб, бемаъни чақмачақар гапларга вақти йўқ эди. Айниқса, саройда яшаётган хотинларнинг фитналарига қўшилмасди. Ёки Довуднинг бошқа талтайган болалари ўзларини катта тутиб гердайиб юришларига умуман эътибор қилмасди. Бурсабо ўз олдида турган бурчини аниқ биларди: ўғилларини Худонинг ҳақиқий фарзандлари қилиб тарбиялаш. Довуд ўзини қандай тутиши кераклигини хотини айтишига ҳақи йўқ эди. Аксинча, шоҳ масъулиятдан бош тортганини кўрганда, Бурсабонинг дили сиёҳ бўларди. Ҳар йили шоҳ Довуд вазифаларининг бир қисмини бошқа одамларга бўлиб берарди: Бурсабонинг бобоси Ахитофелга, лашкарбошиси Йўабга, катта ўғиллари — Амнон билан Абусаломга. Довуд қўп вақтини ҳамд ва ибодат саноларига ажратар, юрагини Парвардигорга очиб, Худога ажойиб, каттакон Маъбад қуришга тайёрланар эди. Буларнинг ҳаммаси яхши-я, лекин Исроил давлати-чи? Довуднинг ҳимоя-сига муҳтож бўлган халқ-чи? Довудни, йўлбошчимиз, деб ҳисоблайдиган одамлар-чи? Довуд яқинлашиб келаётган бўронни кўрмаётган эди. Натан Бурсабони яқинлашиб келаётган офатлардан огоҳлантирди. Бурсабо пайғамбарнинг айтган башоратларига диққатини қаратди, атрофида содир бўлаётган ҳодисаларни синчковлик билан кузатиб борди. Бир гуноҳ кетидан бошқалари эргашиб келаверди. Офатнинг биринчи тоши тушганига анча бўлди, энди кўчкининг ўзи яқинлашиб келарди. Бурсабо ўғилларини ўзидан бир қадам ҳам нари жилдирмади: болалари билан хонасида сўзлашганда ёки боғда сайр қилиб юришганда, уларга Парвардигор ҳақида гапирарди. Кечқурун, ухлашдан олдин болаларига дунёнинг пайдо бўлиши, тўфон, илк оталар, Мисрдаги асирлик ва Парвардигорнинг Ўз халқини қутқарганлиги ҳақида ҳикоялар сўзлаб берарди. — Эгамиз Худони доимо ёдингизда сақланг, — дерди ҳар куни Бурсабо болаларига. Ҳали келажакда фарзандлари онаси тўғрисида кўп ошириб айтилган гапларни эшитишларига тўғри келишини Бурсабо тушунарди. Болалари ўта қалтис саволлар билан унга мурожаат қилишганда, Бурсабо уларга аччиқ бўлса ҳам бор ҳақиқатни айтарди. — Ҳа, сизларнинг отангиз билан мен гуноҳ иш қилдик. Тўғри, менинг айбим билан кўп одам халок бўлди. Олдинлари у бундай саволларга нотўғри жавоб бериб, ўзини оқларди. Энди бошқа бундай қилолмайди. Ўз хирсини қондириб хатога йўл қўйган одам тавба қилганини, уни катта масъулият кутганини, Эгамиз бандаларининг гуноҳидан ўтиб, қўллаб-қувватлашини ҳар доим қулай фурсат келганда ўғилларига тушунтиришга ҳаракат қиларди. Эгамиз Бурсабони ҳам марҳаматлаганини кўп маротаба, такрор-такрор айтган эди. — Қачон гуноҳ иш қилсаларингиз, шубҳасиз, гуноҳга йўл қўйган бўласизлар, ана шунда албатта тавба қилинглар. Ёвузликдан воз кечиб, Парвардигорнинг марҳаматига сазовор бўлишга интилинглар. Шундай қилсаларингиз, Эгамиз сизларнинг гуноҳингизни кечиради. — Эгамиз ҳамма нарсани ўрни-ўрнига қўяди. Бурсабо ўғилларига ғамгин жилмайди. — У сизларни кечиради, лекин қилган гуноҳларингизнинг асорати барибир қолади. — Нега энди? — Бизлар итоаткор бўлишимиз керак. Натан Бурсабонинг болаларига Эгамизнинг қонунларини ўқитмоқчи эканлигини айтганда, Бурсабо миннатдорчилик билан бу қулай фурсатдан фойдаланиш кераклигини лозим топди, болаларига шундай насиҳат қилди: — Ўғилларим, Натаннинг ҳар бир сўзига диққат билан қулоқ тутинглар. Эгамиз яна бир бор Бурсабога Ўз марҳаматини намоён қилди. Бу сафар У Бурсабонинг фарзандларини руҳлантириб, саройдан етаклаб олиб чиқди, Ўзи танлаб олган пайғамбарнинг қўлига топширди. * * * Довуднинг тўнғич ўғли, тахт меросхўри Амнон синглиси Тамарани зўрлаганини саройдагилар эшитгач, ҳайқириқлардан деворлар ларзага келди. Довуд эгнидаги кийимларини йиртди. Амнон, синглим менга қараб турсин, деб отасига ёлғон гапириб ўз уйига олиб кетганини эслади. Ўғлининг қора қабиҳ ниятидан бехабар Довуд Тамарани унинг уйига жўнатган, Амнон эса синглисининг номусига теккан. Тамаранинг онаси Маха содир этган жинояти учун Амнонни жазолашни талаб қилиб бақир-чақир қилди. Довуд қандай қилиб ўз ўғлини жазолаши мумкин?! Ахир, зўрлашнинг жазоси ўлим-ку! Довуд ўз ўғлини, ўзининг бўлажак меросхўрини қандай қилиб ўлдиради?! Қизлик иффати поймол бўлган Тамара кўчада бақираётганда, акаси Абусалом унинг овозини ўчирди. Бу тўғрида Довуд Махага айтди. — Эй, хотин! Абусалом акасидан ўч олишни талаб қилмаяпти-ку! Нега энди сен буни талаб қиляпсан? У бизнинг қизимизни уйига олиб кетди, содир бўлган мудҳиш воқеа тўғрисида бошқа гапирмасликни уқтирди. — Сиз бир қарорга келишингизни у кутяпти. — Агар шу ишни сенинг ўғлинг қилганда, худди шундай қилиб уни жазолашни талаб қилган бўлармидинг? — Менинг ўғлим ҳеч қачон аёл кишини аввал зўрлаб, кейин хотинликка олмайди! — Маха жазавага тушиб бақирди. — Ҳамма айб сизда! Сиз анови фоҳишани хотинликка олганингиздан кейин ҳамма бало бошланди! — Махани тинчитиб бўлмасди. — Акангизнинг ўғли Йўнадав бу режани Амнонга айтган. Сиз менинг қизим Тамарани Амноннинг олдига юбордингиз! Тамарани сиз жўнатдингиз унинг ёнига! Мана оқибати, Амнон уни бадном қилди! Энди Тамара нима қилади? Амноннинг гуноҳи сизнинг бўйнингизда! Довуд йиғлади. У Маха хақлигини билиб турарди. Довудни яхши кўрганлар ва унинг тарафдорлари унга қонун бўйича йўл тутиши кераклигини маслаҳат бердилар. Аммо шоҳ уларнинг гапига қулоқ солмади. — Қандай қилиб сизлар мендан ўз ўғлимни тошбўрон қилиб ўлдиришимни талаб қиляпсизлар? Бурсабони саройга олиб келганимда, менинг ўзим ҳам гуноҳ иш қилмадимми? Ёки унинг эри Уриёни ўлдирилишига буйруқ берганим гуноҳ эмасми?! Лекин Эгам менга марҳамат қилди! — Шоҳ жаноби олийлари, ахир, сиз гуноҳларингизни бўйнингизга олиб, тавба қилдингиз-ку, лекин Амнон… — Мен ўзимнинг зурриётим бўлмиш Амнонни қандай қилиб кечирмаслигим мумкин?! — Ҳурматли шоҳимиз… — Ўзим жуда катта гуноҳ қилганман! Шунинг учун бошқаларни мен ҳукм қилолмайман! Амнонни мен кечирдим, сизлар ҳам унинг гуноҳидан ўтишингизни талаб қиламан! Бурсабо юзини қўллари билан беркитганича, ўз хонасида йиғлаб ўтирарди. Бировнинг хотинини ўғирлаб, унинг эрини ўлдиртирган отадан ўғил нимани ҳам ўрганарди? Албатта, ўғил ҳам ота каби хоҳлаган ишини қилишни ўрганади-да! Амнон истаган нарсага осонгина эришишга ўрганиб қолган, бошқаларга бу қандай мусибатлар келтириши мумкинлиги билан унинг иши йўқ. Эй, Худойим! Қилган гуноҳимнинг азоби ўзимга қайтиб келди. Сенинг севгинг, марҳаматинг бўлмаганда, гуноҳимнинг асоратларига гувоҳ бўлиб қандай яшардим?! Бурсабо Тамарани ўйлаб йиғларди. Ҳозирда ғазаб отига минган, юпатиб бўлмайдиган Махани ўйлаб кўз ёши тўкарди. Амнонни ҳам ўйлаб эзиларди, чунки барибир Худонинг Ўзи уни жазолашини Бурсабо аниқ биларди. Шуларни ўйлаб ўтирган Бурсабо барибир одамлар унга ёмон қарашаётганини, ғийбат қилишаётганини хис қиларди. Одамлар унга қараб нималар ўйлашаётганини Бурсабо билади. Қачонлардир сенинг қилган гуноҳинг энди бизнинг бошимизга кўп кулфатлар келтиряпти! Гарчи Амнонга қараганда такаббурроқ бўлса ҳам Абусаломнинг сукут сақлаб юрганлиги Бурсабони хавотирга соларди. Абусалом Амнондан анчагина катта занг эди. Бўйи-басти келишганлигидан, кўркамлигидан фаҳрланиб юрар, бошқаларга қараганда, ёшлигида жуда эрка ўсган эди. Катта бўлган сари, тус товуққа ўхшаб қолди. Шундай йигитнинг чиройли, гўзал синглиси номусига тажовуз қилинсаю, у индамай юраверса? Сулаймон Бурсабонинг безовталанганини сезиб турарди. — Онажон, сиз бирон нарсадан қўрқаяпсизми? — Ўғлим, жиноят содир этилаётганда, одамларнинг бепарво бўлиб қараб туришларидан чўчийман. Агар йўл қўйилган жиноятчига[10] нисбатан шу заҳотиёқ жазо қўлланилмас экан, одамларнинг юраги нафрат ва ёвузликка тўлиб-тошади. Кунлар кетидан ойлар ўтди, лекин бошқа қабиҳлик содир этилмади. Довуд, бўлиб ўтган мудҳиш воқеа тинчиб кетди, ҳеч ким Тамара билан Амнонни бирор марта ҳам эсламади, деб ўйлади. Ишқилиб, Довуднинг ўйлари тўғри бўлиб чиқсин-да! Лекин Бурсабо барибир хавотирда, иложи борича фарзандлари ёмонликдан узоқда бўлишларини хоҳларди. Йиллар кетидан йиллар ўтди. Шолининг ичидан курмак ҳам ўсиб чиқди. * * * Кунларнинг бирида Бурсабо шоҳ билан бирга кечқурун овқатланиб ўтиришган эди. — Эртага Абусалом қўйларининг жунини қирқиш зиёфатига таклиф қилди, — деди Довуд. — Мендан ташқари у ҳамма оға-иниларини ҳам чақирди. Бурсабо чўчигандай бўлди, лекин ҳавотирланганини билинтирмади. Абусалом Бурсабонинг ўғилларини таклиф қилмаган эди. Бундан Бурсабо қайтанга хурсанд бўлди. Абусалом Бурсабони кўргани кўзи йўқ эди, чунки шоҳ Абусаломнинг онасини эмас, балки Бурсабони ортиқ кўрарди. Тахтнинг вориси Амнондан кейин Абусалом ҳисобланса ҳам, Бурсабонинг ўғиллари тахтга даъвогарлик қилишлари мумкин эди. Бурсабо эрига шаробдан қуйди. — Эртага сиз ҳам борасизми? Довуд «йўқ» дегандай бошини сарак-сарак қилди, хотинининг бармоқларини силаб пиёла тўла шаробни олди. — Мен шу ерда қолганим дуруст. Бунинг устига, аъёнларим билан бирга борсам, Абусалом кўп овора бўлади. Бунинг нима кераги бор?! Мен саройимда қолсам, унга ҳам яхши бўлади. Ёшлар менсиз хурсандчилик қилиб ўтиришади. Менинг ўрнимга у ерга Амнон боради. Бурсабо енгил нафас олди. — Ўғилларим бормаётганларидан хурсандман. — Нимага? — Улар таклиф қилинмаганлар. Довуд қовоғини солиб бир дақиқа ўйланиб қолди. Кейин елкасини қисди. — Балки, Абусалом ўғилларингни таклиф қилмагани — байрамга болаларингнинг иштиёқи йўқлиги сабаб бўлса керак. Чунки улар кўп вақтини Натан билан ўтказишяпти. Бир неча кундан кейин сарой дод-войдан ларзага келди. Бурсабо қўрқиб кетди. Довудга бирор нима бўлибди, деб ўйлаган Бурсабо ваҳима ичида хонасидан отилиб чиқди. Даҳшатдан юзлари оқариб кўзлари олайиб кетган Сулаймон онасининг йўлини тўсди. — Ҳозиргина чопар келди. Абусалом байрамга таклиф қилинган ҳамма укаларини ўлдирибди, чопар шу хабарни олиб келди. Абусалом укаларидан бирортасини ҳам тирик қолдирмабди. Бурсабонинг вужудини титроқ босди. Унинг миясига, Абусалом шундай қабиҳликка қўл урибдими, демак, уни ёвузлик қилишдан ҳеч нарса тўхтата олмайди, деган фикр келди. — Сулаймон, укаларингни топгинда отангнинг олдига боринглар. Унинг ёнида бўлинглар! Абусалом тахтни эгаллаши учун ягона йўл — Довудга қарши уруш эълон қилиш эди. Бутун сарой аҳли саросимага тушган: аёллар дод-фарёд қилади, эркаклар кийимларини йиртган, Довуд бўлса полга чўзилганича фарёд чекади. Бир оздан кейин шоҳнинг жияни Йўнадав келиб, Довудга, Абусалом фақат Амнонни ўлдирди, деб хабар берди. Бирин-кетин Довуднинг ўғиллари хачирларига миниб саройга қайтишди. Ҳаммаси бир овоздан: «Абусалом бизни Довуднинг меросхўри бўлмиш Амнонни ўлдиришга мажбурлади», деб бор гапни айтиб беришди. Абусалом шароб ичиб ширакайф бўлган, Амнонга пичоқ санчиб ўлдиришларини хурсанд бўлиб томоша қилиб турибди. Довуд Абусаломга жанг қилмоқчи бўлиб одам тўплади. Лекин Абусалом Гашурга қочиб кетди. У ерда онаси тарафидан бобоси бўлмиш Толмай шоҳининг уйида паноҳ топганлигини эшитди. Байрамда содир бўлган ҳодисани Бурсабо жуда кўп ўйлади. У бобосидай доно фикрлашга интиларди. Абусалом Амнонни ўлдиришига учта сабаб бор эди: синглиси Тамара учун ўч олиш; очиқдан-очиқ отасига қарши чиқиш; ўзини Исроил тахтининг меросхўри қилиб тайинлаш. Довуднинг тирик қолган ҳамма ўғиллари энди Абусаломдан қўрқиб қолдилар. Абусалом қасоскорлигини, ҳокими-ятни қўлга киритиш учун ҳар қандай шафқатсизликдан қайтмаслигини билиб олишди. Мабодо байрамга Довуд ташриф буюрганда, Абусалом уни ҳам ўлдирган бўлармидикан? Албатта, йўқ! Ўғил ҳеч қачон ўз отасининг қотили бўлмаса керак! Довуд Абусаломга қарши чиқмоқчи бўлганлигини доим гапирадиган бўлди. У фақатгина гапириб-гапириб… қўярди, холос. Амалда ҳеч нарса қилмас эди. * * * Орадан уч йил ўтди. Довуд Амноннинг ўлганига ҳам кўникиб қолди. Бунинг устига, айғоқчилар Абусаломни Гаширда қўшин тўпламаётганини шоҳга етказганларидан сўнг, Довуд уруш ҳақида ўйламай ҳам қўйди. Ҳа, демак, Амноннинг ўлдирилиши тахтни эгаллаш учун қилинган ҳаракат эмас, балки мақсад — Тамаранинг ўчини олиш бўлган. Бурсабонинг кузатишича, Довуднинг фикри- ёди Абусаломда эди. Бир томондан, суюкли ўғлининг йўлдан адашгани бўлса, иккинчи томондан, Абусаломнинг қилган қабиҳ ишига шоҳнинг беҳаловат бўлаётганидир. — Сиз кечиришингизни ўғлингиз кутиб юрибди, — деди шоҳга Йўаб. Довуд бирор баҳона билан ўғлини саройга қайтариш истагида юрганлигини Бурсабо тушунди. Лашкарсиз, иттифоқчиларсиз Абусалом шоҳлик тожини тортиб ололмайди. Лекин барибир Бурсабо унга ишонмайди. Абусаломга қарши у бирон сўз айтмади, чунки айтган тақдирда ҳам унинг гапларини бошқача қабул қилишлари мумкин. Бурсабо Абусалом тўғрисидаги фикрларини айтиб нима ҳам қилди? Шоҳ ҳалигача Абусалом йўқлигидан азоб чекар, у тўғрида бирор хабар эшитишни сабрсизлик билан кутар эди. Йўқ, ягона чораси — шоҳга унинг Худо суйган ўғиллари борлигини, керак бўлса, шу ўғиллари Довуд билан бирга ҳар қандай душманга бас кела олиши мумкинлигини шоҳга уқдириш! Ҳар гал оқшомни Бурсабо билан ўтказишини айтгани Довуд хизматкорини жўнатади. Ўғиллари ҳам бирга бўлишларини Бурсабо жуда хоҳлайди. Довуд доим Сулаймон ва унинг укалари билан чин дилдан суҳбатлашади. Бурсабо. шундай солиҳ ўғилларим бор, улар ҳар доим оталари билан яқин муносабатда бўлсинлар, отасидан хурсанд бўлсинлар, Довуд ҳам шуни билсин, деб хоҳлайди. * * * Саройда ўзгаришлар рўй бера бошлади. Хотинлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилмасин, деб Довуд яна бир нечта уй қуришни буюрди. Ахионоям ҳалигача Амнонга аза тутар, Маха бўлса ҳар доим шармандаларча Абусаломнинг ёнини олгани учун, Довуд охири уни умуман кўрмасликка қарор қилди. Сулаймон билан укалари тушликдан кейин вақтларини кўпинча Бурсабо ҳузурида ўтказишарди. Фарзандлар бугун Натандан ўрган-ганларини оналарига гапириб беришар, ўзаро муҳокама қилишаётганда, Бурсабо уларни мириқиб тингларди. Шоҳликнинг бошқа ишларидан ҳам улар яхшигина хабардор эдилар. Бурсабо саройнинг тўрт девори орасида ҳеч нарсани билмай яшар, ўғиллари эса Қуддусда бўлиб ўтаётган ходисалардан хабардор бўлиб туришарди. Айнан ўғиллари Бурсабога, ҳадемай Абусалом Қуддусга қайтади, деб хабар етказишди. — Оталарингиз уни кечирдими? — Йўқ, айнан отамиз кечирмади, — деди Сулаймон. — Таковалик бева хотин отамизнинг олдига келиб кетгандан кейин, мен шоҳ ҳузурига бордим. Бева аёлнинг гапига қараганда, у ўз ўғлининг укасини ўлдиргани учун қариндошларининг қўлига топшириши керак экан. Агар аёл ўғлини берса, қариндош-уруғлари ўғлини ўлдиришади, аёл ёлғиз ўзи қолади. Отамиз уни ҳимояга олишларини ваъда қилдилар. Кейин эса у ёлғон гапирганини отамиз билиб қолдилар. — Нима, у аёл шоҳни алдабдими? — Йўаб бу хотинга гап ўргатиб жўнатган экан. Бурсабо хавотирланиб ўзини четга олди. Яна Йўаб! Балки Йўаб шоҳга бошқа нарса демоқчимикан: Абусаломни саройга қайтар. Бўлмаса, мен унга қўшилиб сенга қарши чиқаман! — Отамиз Абусаломни яқин орага жойлаштириб, уни назорат қилиб турса, маъқул иш бўларди, — деди Сулаймон. — Ҳа, — Бурсабо ўғлига тикилиб қаради. — Бу тўғрида Натан билан гаплашиб кўр-чи. Қани, у қандай маслаҳат берар экан! Бурсабо Эгамиздан, Довуд яна айниб, ўзгариб қолмасин, деб илтижо қилиб сўрамоқчи эди. Демак, Йўаб шоҳнинг шундай қарор қабул қилишига ўз таъсирини ўтказган, аммо унга жавобан бирор юриш қилиш ҳозирча керак эмас. Шоҳга Абусаломнинг Қуддус тоғларига кўтарилганлиги тўғрисида хабар беришганда, шоҳ Йўабга зарба берди. — Майли, Абусалом ўз уйига қайтиб келиб яшайверсин, лекин кўзимга кўринмасин. Йўабни ўз ўрнига қўйиш учун Довуд ўғли билан ярашишига тўғри келди. Ғазабланган Довуднинг қилган ишидан Бурсабо хабар топгач, дили ранжиди. Такаббур Абусалом қачон отасидан ўч олар экан? Унинг бехосдан берган зарбасидан қанча одам нобуд бўлар экан? Эгамиз анча йил олдин Натан орқали: «Довуднинг хонадонини қилич тарк этмайди» деб айтган эди * * * Абусаломнинг юрагида порлаётган учқун оловга айланиб гуркирашига икки йил вақт кетди. — Абусалом Йўабнинг далаларига[11] ўт қўйибди, — деди бир куни кечқурун ўғиллари билан гаплашиб ўтирган Бурсабога Шибо. Сулаймон бош ирғади. — Қачон Йўаб отамизнинг олдига келиб акамиз учун илтимосини инобатга олишини энди вақт кўрсатади, — деди вазминлик билан Сулаймон. — Агар отангиз Абусалом билан ярашса, унда ҳаммага яхши бўлади, — деди Бурсабо, чунки у оилавий можароларга чек қўйилишини жуда хоҳларди. Тирик қолган ўғилларнинг энг каттаси билан ўзи ўртасидаги адоват Довудни ташвишга соларди. Абусаломнинг жинояти халқ орасида ҳам келишмовчиликларни келтириб чиқарди. Баъзи бировлар Абусаломнинг Амнонни ўлдирганини оқлашарди, чунки шоҳ қонун бўйича иш тутмади. Амнон Тамарани зўрлагани учун Довуд уни жазоламади. Қолганлар бўлса, шоҳнинг сусткашлиги — бу раҳм-шафқат эмас, балки журъатсизлик аломати, деб хулоса чиқарди. Журъатсиз шоҳ — заиф, душманга бардош беролмайдиган шоҳ ҳисобланади, гарчи Довуднинг душманлари кўп бўлса ҳам. Фақат Эгамиз Довудни ҳимоя қилиши ва шоҳни тахтида мустаҳкам ўтиришини таъминлаши мумкин эди. — Бундан ҳеч бир яхшилик чиқмайди, онажон, — деди Сулай-мон. — Абусалом Йўабнинг далаларини ёндиришга журъат қилибдими, демак, у яна ҳар қандай номаъқулчиликлар қилишга қодир экан! — Ўғлим, сен, Абусалом шоҳга қарши исён кўтариши мумкин, деб ўйлаяпсанми? — Абусалом жуда эҳтиёткор, у очиқдан-очиқ ҳаракат қилмайди. Унга иттифоқдошлар керак. Эндиям Йўаб унинг тарафдори бўлмайди. Абусалом такаббурлигини сиз мендан кўра яхши биласиз-ку. Шима кулиб юборди. — Эшитишимча, ҳар гал у сочини калта қилдирганда, қирқилган сочларини тарозида тортиб кўрар экан. — Абусалом келишган, барно йигит, шунинг учун ҳам ўта мақтанчоқ, ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган йигит, — деди секингина Бурсабо. — Ҳамма унинг кўринишига маҳлиё, юраги эса ёлғонга тўлиб- тошганини билмайди. Отамиз икки йил олдин Абусаломга, уйида яшайверсин, деб амр берган ва бу амрини ўзгартирмади. Икки йил… Бу икки йил Абусалом учун юрагидаги учқун гуркираган оловга айланишига кифоя қилади. Бироқ Бурсабо ҳали ҳам уларни яраштириш учун бирор чора излаб топишга ҳаракат қиларди. — Абусалом — тахт меросхўри. У бардошли бўлиши лозим. Агар халқ орасида низо чиқариб тахтни эгалласа, у ҳеч нимага эриша олмайди. Чунки вақти келиб айнан шу халқни у бошқаришига тўғри келади. Сулаймон хохолаб кулиб юборди. — Мен фақат бир маротаба Абусаломнинг сабр қилганини кўрганман. У ҳам бўлса, Амнонни ўлдириш пайида юрган вақтда. Бурсабо ўрнидан турди. — Бўлди, энди бу тўғридаги гапларни тўхтатайлик, — суҳбатни давом эттиришга Бурсабонинг холи йўқ эди. — Кўзларингни катта очиб, ҳамма нарсадан хабардор бўлиб юринглар. Нимани кўрсаларингиз ёки бирор нима ҳақида эшитсаларингиз, ҳаммасидан мени хабардор қилинглар. Бурсабо бир нарсани аниқ биларди: агарда Абусалом Довудга қарши чиқиб ғалаба қозонса, унда Бурсабо ва унинг ўғиллари ўлимга маҳкум. Сулаймон бош ирғади. У эгилиб онажонининг юзидан ўпди. Онасига яна нимадир демоқчи эди, Бурсабо кафти билан унинг оғзини беркитди. — Гумонларинг тўғрисида пайғамбар Натан билан маслаҳатлашгин, — деди она. — Эгамиздан нажот сўра. — Хўп бўлади, онажон. Бурсабо олдин Сулаймонни, сўнг қолган ўғилларини пешонасидан ўпди, уларни эшик олдигача қараб кузатиб қолди. Эй, Парвардигори Олам! Ўғилларимни Ўз паноҳингда сақлагин! Олдин қилган гуноҳларимнинг касофати уларнинг эмас, менинг бошимга тушсин! * * * Довуд Йўабнинг илтимосини тинглаб бўлгач, ҳузурига Абусаломнинг киришига рухсат берди. Ота ўғлини ўпди, лекин бу кечириш аломати эмас эди. Сўнг Бурсабонинг эшитишича, Абусалом ўзини шоҳдай хис қилиб, икки жанг араваси, отлар ва элликта хизматкор ёллабди. У уйқудан барвақт туриб, шаҳар дарвозалари олдида Қуддусга келувчиларни кутиб олаётган эмиш. Довуднинг олдига арз-дод қилиб келаётганларни фақат шоҳ эшитиб одилона ҳукм чиқариши мумкин эди. Лекин Абусалом уларни йўлдан уриб, сизларнинг муаммоларингизни мен ҳал қилишга ваъда бераман, дер экан. Абусалом Довуднинг ҳузурига келиб, Хевронга боришга рухсат сўради. У ерда Абусалом Эгамизга аталган назр-ниёзни адо этмоқчи эди. Ўз ишлари билан ўта банд бўлган Довуд Абусаломнинг Хевронга бориш асл мақсадини суриштириб ўтирмай, унга рухсат берди. Абусалом икки юзга яқин меҳмонларни таклиф қилиб, улар билан бирга Қуддусдан жўнаб кетди. Хевронда Абусалом ўзини шоҳ деб эълон қилди. — Бутун Исроил Абусаломнинг сизга қарши уюштирилган фитнасига қўшилди, — деган хабарни Довудга етказишди. Мана энди Абусалом катта қўшин билан отасини тахтдан ағдариш учун Қуддус томон йўл олди. * * * Аёллар ва хизматкорлар йўлга отланиш учун керакли нарсаларни йиғиштириш мақсадида саройнинг у ёғидан-бу ёғига безовталаниб югуриб юришарди. Абусалом қўшини билан Қуддусга кириб кел-гунгача, Довуд хотинларига, бола-чақаларига, сарой аҳлига Қуддусни тарк этиш тўғрисида буюрди. Саройга қараб туриш учун фақат ўнта канизак қолдирилди, холос. Довуд ҳамма одамлари билан бирга, Бурсабо ва унинг ўғилларини ҳам бошлаб йўлда кетарди. Бурсабо фарзандларини бир қадамга ҳам ўзидан нари кетказмас эди. Шаҳардан чиқишгандан кейин, шоҳга яна олти юзтача одам қўшилди. Улар ажнабийлар бўлиб, Довудга хизмат қилишарди. Шоҳ уларга шу ерда қолишларини маслаҳат берди, чунки улар хорижлик бўлганликлари учун урушга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Ажнабийлар Довудга: «Сизга содиқ қоламиз, сиз билан доим бирга бўламиз», деб қасам ичишди. Буни кўрган Бурсабо енгил тортди. Довуд қанча кўп одам тўплай олса, ғалаба қозониш шунча осон бўлади. Эркагу аёл оҳ-вой, йиғи-сиғи қилиб шиддат билан оқаётган Қидронни кечиб ўтиб саҳро томон йўл олишди. Руҳоний Содиқ билан ҳамма левилар Эгамизнинг Аҳд сандиғини кўтариб, Довуднинг орқасидан келишарди. Буни кўриб қолган Довуд уларга Қуддусга қайтиб кетиш тўғрисида амр берди. — Агар Эгам хоҳласа, У менга яна Муқаддас Чодирни ва Аҳд сандиғини қўйишга имкон беради. Агарда бундай имконият топилмаса, майли, У Ўзига нимани маъқул топса, менинг бошимга ўша кунни солсин. Довуд бошида ёпинчиқ, оёқ яланг, исёнкор ўғлининг дастидан дард-ғам ичида йиғлаб борарди. Довуд халқни Зайтур тоғига бошлаб келганда, унинг ёнига уст-боши кир, ўлгудай чарчаган хабарчи яқинлашиб келиб деди: — Ахитофел фитначилар билан бирга! Бурсабо бақирганича ерга мук тушди. Бошига тупроқ сочиб, уввос тортиб йиғлади. У бобоси болалигида набирасини қандай яхши кўрганлигини, қизлик пайтида эса унинг кулгусини, меҳрини ва оиласига ажойиб содиқлигини эслади. Охири Ахитофел набирасидан ва Довуддан ўч олмоқчи бўлибди-да. Бурсабо Довуднинг аянчли нигоҳини ҳис этди, ҳижолатдан бошини эгди. Уларнинг шоҳ билан бир-бирига бўлган севгиси бошларига оғир, мудҳиш савдоларни солди. Довуднинг дарғазаб ҳайқириғини эшитган Бурсабо қўллари билан бошини беркитиб олди: — Эй, Эгам! Ишқилиб Ахитофел Абусаломга бемаъни маслаҳат берсин! Довудни Бурсабонинг ёнидан бошлаб ҳамма маслаҳатчилари ўраб олишди. Уларнинг ҳаммаси тинмай шоҳга турлича йўл-йўриқ беришарди. Кимнингдир кучли, бақувват қўллари Бурсабони ердан кўтариб олди. Бурсабо Сулаймоннинг чин дилдан пичирлаб айтган гапини эшитди: — Эгамиз бизни ҳимоя қилади. — Мен айбдорман, — Бурсабо титрарди. — Бу менинг гуноҳим! Сулаймон онасини синчков, ёвуз нигоҳлардан ҳимоя қилгандай, қучоқлаб олди. — Онажон, нега энди сиз ҳар бир одамнинг гуноҳини ўзингизга олаверасиз? Ғам-қайғу Бурсабони енгди. — Биринчи тош устимга кўп йиллар олдин тушган эди, ўғлим. Энди бутун тоғ устимизга қулашга тайёр турибди! — Ҳар бир одам ўзи ўзига ҳукм чиқаради. Ахитофелнинг гуноҳи унинг виждонига ҳавола. Бурсабо бошини сарак-сарак қилди. — У сенинг бобонг бўлади. — Бир неча йил илгари Ахитофел Довуддан ўз хизмат бурчини ташлаб Гиладга кетишга рухсат сўраган эди. Отам унга рухсат берган. Ана энди бобомнинг нима мақсадда кетгани ойдин бўлди. Сотқин! — Сулаймон бир сесканди, у ҳамон онасини маҳкам ушлаб турарди. — Бу воқеадан кейин мен бир нарсани аниқ тушуниб етдим, онажон. Бу ҳам бўлса — ҳеч кимга ишониш мумкин эмас, ҳатто қони бир бўлган қариндош-уруғларга ҳам. — Ўғлим, сен менга ишонишинг мумкин. Отанг Довудга суянишинг мумкин. — Онажон, мен сизни яхши кўраман, сизга ишонаман. Лекин сизнинг қўлингиздан нима ҳам келарди?! Отамни ҳам яхши кўраман, бироқ шоҳ аллақачон ўз халқи билан алоқасини узган. Сулаймонга жавобан Бурсабо ҳеч нарса дея олмади, чунки бу гапларни ўғил таъна қилиб эмас, балки ачиниш билан гапирарди. Бурсабо яна бобосини ўйлади, унинг юраги ўйнаб ҳапқириб кетди. Шунча йил Довуд билан ўз муносабатларини яхши қилиб кўрсатиб келган Ахитофел, аслида пайт пойлаб шоҳдан ўч олиб, уни йўқ қилиш пайида юрган экан. Эҳ, қанийди, агар мен ўшанда эслироқ ва иродалироқ бўлганимда эди…! Бурсабо ногаҳон чувалашаётган фикрларини жиловлашга уринди. Агарда… қанийди… Ҳозир буларни ўйлашдан нима фойда? Содир бўлган воқеаларни ҳозир ўзгартириб бўлмайди, энди жуда кеч. Барча кўнгилсизликларнинг илдизи — кўп йиллар олдин қилган хиёнатим. Бурсабо шоҳ билан хатога йўл қўйиб ўтказган бир кечанинг ниҳояси — талофот кўрганлар, қурбонларнинг рўйхати янада кўпайиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу жуда ачинарли ҳол! Эй, раҳмдил Эгам! Мен қачон қилган гуноҳларимдан покланиб, яна қайтадан чақалоқдай айбсиз ва иффатли бўла оламан? Ўч олиш режасини Ахитофел обдон ўйлаб чиққанмикан? Наҳотки у ўз набирасини, Довудни шунчалик ёмон кўрса? Ўзи қурбон бўлса ҳам, мақсад улардан ўч олиш бўлса? Агар Абусаломни тахтга ўтқазиш унинг қўлидан келса, унда Довуд ҳалок бўлади. Бурсабо ҳам ўлади. Бурсабо билан бирга Ахитофелнинг тўрттала чевараси ҳам қурбон бўлади. Қаҳр-ғазабдан ёнаётган ва умидсизликка тушган Бурсабо тинмай Яратганга ибодат қиларди. У: «Довудга нажот бергин, Ахитофелнинг маслаҳатини беҳудага чиқаргин», деб Бурсабо Худодан сўрар эди. Агар Худо марҳамат қилмаса, ҳеч нарса рўёбга чиқмайди. Ахитофел қандай қилиб ғалаба қозониш мумкинлигини яхши билади. У саройда Довуднинг маслаҳатчилари ичида энг қобилиятлиси ҳисобланарди. Ҳатто Йўаб билан солиштирилганда ҳам, Ахитофел анча ундан устун турарди. Яқиндагина Абусалом билан хуфёна режа тузган Йўаб ҳозир шоҳни ўғлидан ҳимоя қилиб, Довуд билан бирга борарди. Йўаб… Ҳаддан ташқари такаббур Йўаб! О, бу Йўабнинг ниятлари! Сўнгги ўттиз йил ичида Йўаб Довудни қанчадан-қанча балоларга бошлади! Бурсабо Сулаймонга қаради. — Сен билан укаларинг доимо отангнинг ёнида бўлишларинг керак. — Биз ҳар доим у билан биргамиз. — Йўқ. Унинг ёнида туринглар. Сизлар отангизни Абусаломдан ва унга шикаст етказиши мумкин бўлган ҳар қандай кимсадан ҳимоя қилишингиз керак. Агар Довуд ҳалок бўлса, улар бизни ҳам тирик қолдиришмайди, — Бурсабонинг кўзлари аччиқ ёшлардан қоронғулашиб кетди. — Сизларга суянса адашмаслигини шоҳга исботланглар! Қуддусни тарк этиб Довуднинг орқасидан эргашиб бораётган оломон билан бирга Бурсабо ҳам кетарди. Бирдан Эн-кайдида отасининг гулхани атрофидаги гаплар унинг ёдига тушди. «Шоулни ўлдир», — деган эди бир вақтлар Абушай. «Руҳонийни мағлуб қилсанг, қўйлар тарқалиб кетади», — деб маслаҳат берган эди Йўаб. Довуд уларнинг гапларига қулоқ солмай гулхан ёнидан туриб кетган эди. Ҳамма одамлар тарқаб кетгандан кейин Бурсабонинг отаси билан бобоси бу гапни муҳокама қилишган эди. «Йўаб жуда фойдали маслаҳат берди. Шоулнинг ўлими урушга чек қўяди, Довуд тинчгина тахтда ўтиради. Аммо Довуд Эгамизнинг бошига ёғ суртилган руҳонийсини ўлдирса, Худо Довудни марҳаматламайди». Бобоси сўнгги марта, Довуд хонадонини Эгам марҳаматласин, деб тилак билдирган эди. Ахитофел ўғилни отага қарши чиқишга ундади. Топталган ор-номус учун бундан-да кучлироқ ўч олиш йўли бормикан? Ўз ғурурини деб Ахитофел халқни бадном қилади. Наҳотки ҳамма одамлар ёвузликка мойил бўлиб, кечиришни хоҳлашмаса? Худо кечиргандан кейин, одамзод ҳукм чиқаришига қандай ҳақи бор? Ахитофел ҳеч қачон набирасини ва Довудни кечирмайди, деб бир неча йил олдин онаси Бурсабони огоҳлантирган эди. Бурсабо бобосининг ўзгаришини ва набирасини кечиришини Худодан сўраб илтижо қиларди. Ҳа, Ахитофел уларни кечиргандай бўлиб ўзини муғомбирликка солиб юрган экан. Энди буни билган Бурсабо аччиқ йиғлади. Ахитофел Абусаломга, Довудни ортидан қувиб етиб, уни ўлдириши керак, деб маслаҳат беришини Бурсабо биларди. Мабодо Абусалом бу ниятини амалга оширган тақдирда ҳам, унинг шоҳлиги лаънатланади. Чунки ўғил отани ўлдириб эришган шоҳликда халқ қандай қилиб гуллаб-яшнайди? Довуднинг шоҳлиги қулайди-ку! Эй Эгам, эй Раббим! Бир кечалик гуноҳ шундай мусибат келтирдими-а?! Воқеалар қандай ривожланишидан қатъий назар, Бурсабо яхши кўрган одамлар орасидан кимдир қурбон бўлиши керак эди. — Парвардигор, майли бу Ахитофел бўла қолсин, — шундай деб ибодат қилаётган Бурсабо тинмай йиғларди. — Майли, менинг бобом қурбон бўла қолсин. Фақат эрим ва болаларимнинг жони омон бўлсин! * * * Довуд Бохирумга етиб борганда, шаҳардан Шоул уруғидан бўлмиш Шамай исмли одам чиқиб Довудни қарғади. У шоҳнинг ёнида борар экан, ердан тош олиб, Довудга, унинг лашкарларига отаверди. Уларга қарата ҳақоратли сўзларни бақириб айтарди. — Йўқол бу ердан, қотил! — деб бақирди дарғазаб Шамай. — Сен ярамассан! Шоулни, унинг оиласини ўлдирганинг учун Эгам сени жазолайди. Сен Шоулнинг тахтини тортиб олган эдинг. Мана энди Эгам тахтни сендан ўғлинг Абусаломга олиб беради. Ниҳоят, сен ҳам содир этган жиноятинг учун жазойингни оладиган бўлдинг, қонхўр! Абушай қиличини қинидан чиқарди. — Нега бу ўлимтик ит чиқиб менинг шоҳимни ҳақоратлаяпти? Шоҳим, рухсат беринг, бориб бошини танидан жудо қилай! Ғазабланган Довуд жон-жаҳди билан бақирди. — Йўқ! Мен билан нима ишларингиз бор, Шеруя ўғиллари! Эгам ҳақоратлашни унга буюрган экан, мен ким бўлибманки, уни тўхтатиб оғзини юмсам?! — Довуд бақириб йиғларди. — Ўз зурриётим, ўғлим мени ўлдирмоқчи бўляпти. Мендан ўч олиш учун Шоулнинг мана шу қариндошида асос кўпроқ эмасми? Унга тегманглар, майли, мени қарғайверсин. Чунки Эгам унга шундай буюрган. Балки одамлар мени ҳақорат қилишаётганини Эгам кўргач, ёмон сўзлар ўрнига менга эзгулик ато этар. Довуд ўз йўлида давом этди. Шамайнинг унга қарата айтаётган хар бир аччиқ сўзидан сесканар, отилаётган тошларнинг зарбидан азоб чекар, Бенямин уруғи сочган тупроқдан нафас оларди. Одамлар ниҳоятда чарчашганидан, бошқа юришга холи қолмади. Шунда Довуд тўхтаб қароргоҳ қуришни буюрди. Довуд қўлидан келганича ҳаракат қиларди. Шоҳ Қуддусга ўзининг маслаҳатчиларидан бири Хушайни жўнатди. У бориб ўзини Абусаломга содиқ эканлигини намоён қилиши, иложи борича Абусаломга, Ахитофелнинг маслаҳатларига қулоқ солма, деб уқдириши, Ахитофелнинг маслаҳатлари амалга ошмаслигига ҳаракат қилиши керак эди. Довуд Қуддусга руҳоний Содиқни ва унинг ўғилларини ҳам жўнатди. Улар Хушайнинг хабарчилари бўлишлари керак эди. Агар омон қолиш учун бирор бир имконият топилса, Хушай бу ҳақда Довудга хабар жўнатади. Ҳаммаси Худонинг қўлида. Қилинаётган ҳаракатларнинг натижаси Худонинг иродасига боғлиқ. Парвардигор, агар менинг ўғлим ўз отасини таъқиб қилаётган бўлса, мен ўлишни хоҳлайман. Йўлни давом эттиришдан мен жуда чарчадим, халқим ҳам дам олишга муҳтож. Менга ёрдам қилгин. Ўтиниб сўрайман, эй Парвардигор, менга ёрдам бер! Довуд бошидаги тожини ечиб қўлида ушлаб турарди. — Эй, Эгам, менинг ибодатимни эшитгин, — деди секингина Довуд. — Менинг илтижоларимдан Ўзингни олиб қочма. Мусибатдан мен Сенга зорланяпман. Анча олдин қилган гуноҳим учун ҳозир менга қарши ўз ўғлим, яқинларим бош кўтарган. Юрагим қинидан чиқиб кетай деяпти, — Довуд кўзларини юмиб, бор кучи билан тожини қаттиқ қисди. — Эгам, ўлим даҳшати мени қамраб олган. Ҳа, ҳа, мени ва мен севган одамларни! Қўрқув ва хавотир-лик мени изғиб топди. Каптарнинг қанотларига ўхшаган қанотларни менга ким берар экан? Мен узоқ-узоқларга учиб кетардим, — деб у ютинди. — Эй Эгам! «Ахитофелнинг маслаҳатларини барбод қил». Узоқ йиллар мобайнида мен уни ҳақиқий дўст деб ҳисоблаб юрган эканман. У бўлса менга қарши фитна уюштириб юрган экан, — Довуд бир қўли билан сочларини орқага текислади, иккинчи қўлида тожни тебратиб турарди. — Ахитофел! Менинг дўстим, биродарим! Саҳрода юрганимизда, биз бир тишлам нонни ҳам бўлишиб еган эдик, — Довуд бўйнидан оқаётган муздай терни артиб, тишларини ғичирлатди. — Узоқ йиллар мобайнида унинг тили ширину, юраги ёвузликка тўлиб-тошган экан. Тинчлик ҳақида гапирса-да, орқасида пинҳона қиличини яланғочлаб турган экан. Ўғлимда шуҳратпарастлик оловини ёқиб менга қарши қилиб қўйибди, — Довудни титроқ босди, ғазаб унинг қонини қайнатди. — Эй Эгам, душманларимни ўлим ўрасига ташла! Тириклайин улар дўзахга тушсин! Довуд ўзини қўлга олиб, чуқур нафас олди. Одамларига мардлик намунасини кўрсатиш учун у хотиржам, босиқ бўлиши лозим. У обдон ўйлаб, доноларча ҳаракат қилиши керак. Юмшоқ кўнгилчанлик, мурувват қилиб жуда катта хатога йўл қўйган эканман. Афсус, ўзгалар салтанатимни бошқаришига имкон яратиб берибман-а! Довуд тожни оҳиста қўлларида айлантирди-да, сўнгра бошига кийиб олди. Юзларини қўллари билан артди, йўлнинг чанги юз терисига ёпишиб қолганини ҳис қилиб турарди. Эй, Эгам, мен ҳеч қачон шоҳ бўлишга интилмаганман. Қайтанга, Довуд чўпонлигича қолиб, қоронғу осмондаги юлдузларни ва саноларни куйлаб юргани яхши эди. Қайтанга камбағал, яккаю ягона хотинли бўлиб юриш қандай ажойиб бахт! Одамлар режа тузади, лекин Худонинг айтгани бўлади. Довуд чуқур нафас олиб, ўрнидан турди. — Эгам, мен фақат Сендан нажот кутаман! Мен Сенга суянаман, Сендан умид қиламан. Ўз ихтиёрингга қараб иш тут. * * * Хушай Содиққа хабар юборди. Содиқ эса икки ўғлини мактуб билан Довуднинг ёнига жўнатди. — Тезроқ Иордан дарёсидан ўтинглар! Ахитофел Абусаломга зудлик билан қувиб етиб, сизларни қўлга олгач ўлдиришни маслаҳат берди. Хушай сизларни душман тутиб олмаслиги учун кечани саҳрода ўтказмай, тезроқ Иордандан ўтиб кетишларингизни маслаҳат беряпти! Бошқа яна қайғули хабарлар ҳам етиб келди. Бу хабарлар кўп йиллар аввал пайғамбар Натаннинг башоратларини эслатди. — Шоҳим, Ахитофелнинг маслаҳатига кўра, Абусалом сизнинг канизакларингизни қўлга киритибди. Уларни томнинг устига олиб чиқди, бутун Исроил халқининг кўз ўнгида уларнинг номусига тажовуз қилиб зўрлади. Довуднинг сочлари тиккайиб кетгандай бўлди. Нафрат Ахитофелнинг башарасини ўзгартирганини, у нималарни ўйлаганини Довуд кўз олдига келтирди: Аввал саройинг айвонида туриб, набирамдан кўзингни узмаганинг эсингдами? Уни саройга келтириб номусига текканинг ҳам эсингдадир? Ана энди сенинг ўғлинг канизакларингни, сенинг хонадонингни бутун Исроил кўз ўнгида булғаётганини мен гувоҳи бўлиб томоша қилиб турибман! Довуд одамларни оёққа турғазди, улар Мохинойимга йўл олишди. У ерда шоҳни Раббадан оммонлик бир одам кутиб олди, уларга ётиш учун кўрпа-тўшак, хумларга тўлдирилган буғдой, арпа, ун, қовурилган дон, лўя, ясмиқ, асал, ёғ ва ўз подасидаги сигирлардан олинган пишлоқни тортиқ этди. Довуднинг одамлари еб-ичиб, тўйиб дам олишди. Довуд одамларини санаб чиқди. Уларнинг устидан мингбоши ва юзбошиларни тайинлади. Қўшинни уч қисмга бўлди: қўшиннинг бир қисмини Йўаб бошчилигида, иккинчи қисмини Абушай бошчилигида, учинчисини гатлик Аттай бошчилигида жўнатишга қарор қилди. Сўнг юрагида оғир тош билан Довуд ўз ўғлига қарши чиқишга шайланди. Довуд ҳам жангга кираётганидан аскарлар норози бўлдилар. — Сиз жанг қилмаслигингиз керак, шоҳ ҳазратлари! Агар уларнинг қўли баланд келиб бизни таъқиб қилса, ҳатто ярмимизни ўлдирган тақдирда ҳам, Абусалом учун бу ҳеч нарса эмас. У фақат сизни ахтаради. Сизнинг бир ўзингиз бизга ўхшаганларнинг ўн мингтасига тенгсиз. Сиз шаҳарда қолиб, керак бўлганда, бизга ёрдамчи кучлари жўнатиб турсангиз, шунинг ўзи кифоя. Довуд уларнинг гапларига қулоқ тутди, яна бир бор ўз хизмат бурчидан чекинди. — Агар сизлар, шу энг яхши режа, деб ҳисобласаларингиз, майли, мен шаҳарда қолишга розиман, — деди шоҳ ўз лашкарлари олдида туриб. Довуд Йўаб, Абушай ва Аттайга буйруқ берди: — Абусалом ҳали ёш, унга зарар етказманглар. Шоҳ шаҳар дарвозалари ёнида туриб аскарларни жангга кузатди. Бошқалар шоҳ учун жанг қилаётган бир пайтда, Довуд яна шаҳарда қолди. Фақат бу сафар ўз хоҳишига қараб эмас, балки халқнинг талабига биноан иш тутди. * * * Баланд минорада турган соқчининг бақирган овози эшитилди: — Чопар яқинлашиб келяпти! Катта қадамлар ташлаб Довуд дарвозага яқинлашди. — Агар у ёлғиз бўлса, демак, у хушхабар келтиряпти, — деб тўнғиллади шоҳ. Соқчи яна бақириб, биринчи чопарнинг кетидан иккинчиси қувиб келаётганини айтганда, қўрқувдан Довуднинг юраги дукиллаб кетди. — Биринчиси Содиқнинг ўғли Охимасга ўхшайди! — деди соқчи. Довуд ҳаяжонланганидан тинмай бармоқларини мушт қилиб яна ёзарди. — Охимас яхши одам, у хушхабар олиб келяпти. Ҳали дарвозага етиб келмасдан Охимас узоқдан хабарни бақириб етказди. — Тинчлик! Ўспирин шоҳнинг қаршисида тиз чўкди, бошини эгиб таъзим қилди. Хурсандчиликдан Довуднинг юраги бир сакраб тушгандай бўлди. — Эгамга ҳамду санолар бўлсин! — деди бўғилиб чопар. — Сизга қўл кўтаришга журъат этганларни Эгангиз сизнинг қўлингизга топширяпти, шоҳим. — Абусаломга нима бўлди? У омонми? Охимаас бошини кўтарди. Унинг юзида таажжуб аломати яққол кўринди. Кўзлари ёниб, чопар яна бошини эгди. — Йўаб мени сизнинг олдингизга жўнаётганда мен кучли ғалаённи кўрдим. У ерда нима бўлаётганидан хабарим бўлмади. Нега Охимас Довуднинг юзига қарашга ботина олмаяпти? Довуднинг юраги яна ҳам тезроқ урди. Соқчи яна бир бор бақирди, Довуд бошини кўтарди. Иккинчи чопар Хушай бўлиб, у ҳам ўқдай учиб келаётган эди. — Шу ерда тур! — деб буйруқ берди Довуд Охимасга. Ҳааллослаган, оёғидан бошигача чангга ботган Хушай шоҳнинг қаршисида тўхтади. — Мен сизга яхши хабар келтирдим, шоҳим. Энди Эгам сизга қарши чиққанлардан сизни халос қилди. — Ўспирин Абусаломга нима бўлди? У соғ-омонми? — деб яна сўради Довуд. Хушайнинг кўзлари чақнаб кетди. — Ўспириннинг бошига тушган кун сизнинг ҳозирги ва келажакдаги барча душманларингиз бошига тушсин! Довуднинг юраги тўхтаб қолгандай туюлди, у нима бўлганини тушунди. — Оҳ, ўғилгинам! Ўғлим ҳалок бўлибди! — деб нола чекди қайғуга ботган шоҳ. — Абусалом, ўғилгинам! Болагинам, ўғлим, жигарбандим Абусалом! Қанийди, сенинг ўрнингга мен ўлсам! Вой ўғилгинам! Зурриётим Абусалом, ўғлим! Довуд туртиниб, қоқилиб дарвоза тепасида жойлашган меҳмонхонага кўтарилди, бутун вужуди ғам-ғуссага тўлди. * * * Хона эшиги очилганда, Довуд ўрнидан турмади. Йўабнинг ғазаб тўла овозини эшитмагунча, шоҳ бошини ҳам кўтармади. — Бугун биз сизнинг, ўғилларингизнинг, қизларингизнинг, хотин-ларингиз ва канизакларингизнинг ҳаётини сақлаб қолдик! — Йўабнинг жаҳлдан юзлари қизариб кетди, у қиличи сопини маҳкам ушлаб турарди. — Сиз ўзингизни жуда бошқача тутяпсиз, ҳатто хизматкорлар ҳам буни сезишибди. Гўё биз ёмон иш қилиб қўйгандаймиз. Ўйлашимча, сизни яхши кўрганларни кўргани кўзингиз йўқ, сиздан нафратланадиганларни эса яхши кўрасиз. Биз сиз учун ҳеч нарса эмаслигимизни бугун яққол исботладингиз. Биргина Абусалом тирик қолиб, биз ҳаммамиз қирилиб кетганимизда, сизга жуда хуш ёқар эканда! Довуд нафрат билан Абусаломнинг ўлимига айбдор бўлган, ҳозирда унинг ўлганидан хурсанд бўлаётган қотилнинг кўзига тикилди. — У менинг ўғлим, меросхўрим эди! Гувоҳлар олдида Довуд Йўабга, Абусаломни эҳтиёт қилинглар, деб айтмаганмиди?! Йўаб доимо ҳамма ишни ўзи хоҳлаганидай қилади, бошқаларнинг фикри уни қизиқтирмайди. Мен тўғри йўл тутяпманмикан, деб бирор марта ўйлаб ҳам кўрмаган. У иззатталаб, худбин одам. Довуд Йўабнинг ёниб турган кўзларида ўлимни, ваҳшийликни кўрди. — Тур ўрнингдан! — деб бақирди Йўаб Довудга. — Ташқарига чиқ! Қўшинни ғалаба билан табрикла. Акс ҳолда, Худони ўртага қўйиб қасам ичаман: агар ҳозир чиқмасанг шу кеча бу ерда бирорта одам қолмайди. Сен билан содир бўлган ёмонликларнинг буниси энг даҳшатлиси бўлади! Довудни нафрат ўти чулғаб олди. Уни титроқ қамраб олди. Шоҳ ўзини қўлга олишга, важоҳатдан бу одамбашара маҳлуққа ташланишдан ўзини тийди. Агар Довуд Йўабнинг айтганини қилмаса, бу шоҳликка жуда қимматга тушса керак? Довуд харбий қўмондонининг кўзига қаради. Агар шоҳ ўрнидан туриб Йўабнинг айтганини бажармаса, аскар Довудни уриб юборишдан ҳам тоймайди. Йўаб қаҳрини, нафратини ҳатто яширишга ҳам ҳаракат қилмади. Довуд ўрнидан туриб хонани кесиб ўтди. Йўабнинг қаршисида тўхтаб унинг кўзларига тикилди. — Абусалом сенинг далаларингга ўт қўйгани учун ўлдирдингми? Йўабнинг юзидаги мушаги бир учиб тушди, чурқ этмай Довудга ғазаб билан қаради. Шоҳ лабларинии тишлади. Йўаб Абусаломни ўлдирмаган тақдирда ҳам, у Довуднинг буйруғини бажармади. Довуд энди ҳеч нима қила олмаслигини тушунарди. Фақат ҳозирча қилолмайди. Довуд шаҳарда тўрт девор ичида кутиб ўтирганда, яна унинг қўшинини ғалабага Йўаб олиб келди. Йўаб бошини эгиб Довудга йўл берди. Унинг кўзлари буралиб олган заҳар илоннинг кўзларига ўхшарди. Довудга бундай муносабатда бўлишига, унга ҳужум қилишига Йўабда ҳеч қандай важ йўқ эди. Ғам ва аламни ютиб шоҳ ташқарига чиқди, дарвозанинг ёнига ўтириб олди. Аскарлар бирин-кетин уни кўриш учун олдига келишди. Довуд бўлса ҳар бирига шоҳ олдидаги хизматлари учун бирма-бир миннатдорчилик билдирди. Сўнг Довуд ўз оиласи билан Қуддусга қайтиб кетди. * * * Бурсабо хонасида хаёл суриб ўтирарди. Абусаломнинг ўлимида Довуд Бурсабони айбламаётганмикан? Унинг бобоси ушбу фитнани — мақсад Довудни ўлдириб тахтни эгаллашни қўллаб-қувватлаган. Довуд уни энди гуноҳкор деб ҳисоблаётганмикин? Кунлар ўтаверарди, лекин Бурсабо ҳали шоҳни кўрмади. Бошқа хотинларини ҳам Довуд ҳузурига чақиртирмади. Кунларнинг бирида Бурсабонинг хонаси эшиги очилиб ҳеч қандай огоҳлантиришсиз шоҳнинг ўзи кириб келди. Бурсабо ўрнидан турди, томоғига бир нарса тиқилганини сезди. Бурсабо жуда озиб кетган, азоб-уқубат уни енгибди: юзларини ажин босган; чаккаларидаги сочлари оқарган. Бурсабо шоҳга қараб бир неча қадам босди, тиззалаб ергача бошини эгиб салом берди. — Эҳ, Довуд! Мен сизнинг олдингизда қанчалар гуноҳкорман! — деди у ва йиғлаб юборди. Шоҳ қўлини астагина Бурсабонинг бошига қўйди. — Ахитофелнинг қилмиши учун сени гуноҳкор деб ҳисобламайман. Бурсабо бошини кўтариб эрининг кўзларига тикилиб қаради. Воажаб, Довуднинг кўзларида меҳр, севги ҳиссини кўрган Бурсабо ҳайрон бўлди. — Оҳ, Довуд, — деди у майингина. Довуд Бурсабога яқинлашиб уни қучоқлади. Шоҳ уни бағрига қаттиқ босди. Аёл бошини Довуднинг кўкрагига қўйди, шоҳ унинг бўйнидан ўпаётганини ҳис қилиб турарди. — Менда янгилик бор, — деб пичирлади Довуд, унинг қўллари Бурсабони яна ҳам маҳкамроқ қисди. — Абусалом Хушайнинг маслаҳатига қулоқ тутиб кутиб ўтирганда, Ахитофел уйига бориб у ерда ўзини ўзи осиб қўйибди. Бурсабо бир сесканиб тушди. Эгамиз унинг тоат-ибодатини эшитиб, унга жавоб қайтарди. «Ахитофелнинг қилган гуноҳи унинг виждонига ҳавола», — деган эди онасига Сулаймон улар Абу-саломдан қочиб кетишаётганда. Набирасини бобо қандай жазоламоқчи бўлган бўлса, шундай жазодан ўзи ҳалок бўлди. Довуд юзини Бурсабонинг юзига босиб уни ўпди. Бу ўпичдан Бурсабонинг бутун вужуди шоҳнинг қўйнида титраб кетди. Оташ аёлни ёндирарди. Эрининг юраги қаттиқ, тез-тез ураётганини Бурсабо эшитиб турарди. — Тахт вориси этиб мен Сулаймонни тайинлашни лозим топдим, — деди Довуд. Бу сўзлардан кейин Бурсабо эридан ўзини тортди, қўрқув билан унга қаради. Шоҳ синчковлик билан унинг кўзларига тикилди. — Мен шундай қарорга келдим. Нимагалигини билмоқчимисан? Бошқа хотинларим ўз ўғилларини шуҳратпараст, иззатталаб, тахт, бойликка ўч қилиб тарбиялашди, — Бурсабо Довуднинг кўзларида ғам-алам, изтиробни англади. — Мен сенга онт ичиб айтаман Бурсабо, сенинг ўғлингга мен шоҳлик тожини кийдираман. — Мен ким бўлибманки, менга шундай… — Ҳамма хотинларим, канизакларим ичида ёлғиз сен жонинг борича Эгамизга интиласан. Бурсабонинг кўзлари ёшга тўлди. — Балки фақат ҳаётини нобуд қилишга сал қолган одамлар Эгамизнинг ҳақиқий севгисини қозонишга эришадилар, — деди Довуд ва Бурсабонинг лабларидан бўса олди. — Сен менинг яқин дўстимнинг қизи бўлганинг учун, мен сени севаман. Мен сени хоҳлаб хотинликка олганлигимга сабаб — сен ниҳоятда гўзалсан. Сени доимо яхши кўраман, чунки мен ўзимни фақат сен билан хотиржам, бехавотир ҳис қиламан, — деди Довуд Бурсабонинг қўлидан ушлаб. Улар бирга ўрниларидан туришди. Довуд хотинидан кўзини узмай, унинг қўлларини лабига олиб борди, унинг қўлларини ўпди. — Ҳаммасидан ҳам сен чин дилдан севгувчи аёл, ўғилларимга ҳақиқий она бўлганинг учун мен сени яхши кўраман. Сен тўрт ўғилни тарбиялаб вояга етказдинг. Улар Худони ҳурмат қиладилар, Уни излайдилар, Унга интиладилар. Бундай ўғиллардан мен фахрланаман, бундай ўғиллар… Бирдан у тўхтаб қолди. Бурсабо Довудни қучоқлаб, уни овунтирди. Эри нима демоқчи бўлганини, лекин нима сабабдан айта олмаганини аёл билиб турарди. Довуд ишониб, суяниши мумкин бўлган ўғилларни Бурсабо вояга етказиб тарбиялади. Олтинчи боб Довуд Қуддусга қайтишидан салгина олдин яна бир исён халқнинг ўртасига нифоқ солмоқчи бўлди: беняминлик Шамай исроилликларни Довуд билан урушга даъват қилди. Шамайнинг қуролланишга даъватидан кейин Исроилнинг ўнта қавми ва Довудга қарашли бўлган Яҳудоликлар қавми орасида жанжал авж оларди. Фақат Яҳудодликлар урғидаги эркаклар Довуд билан бирга қолишди. Довуд Амосага қўшинни тўплаш ҳақида фармон берди. Лекин Йўаб Амосани ўлдириб, яна Довуднинг қўшинига қўмондонликни ўз зиммасига олди. Йўаб исёнчи Шамайни Абул байтмохгача ҳийла билан қувиб борди-да, шаҳарни қамал қилиб тураверди. Ниҳоят, бир аёл шаҳар оқсоқолларини тўплаб, шаҳарни Йўабнинг қамалидан қутқариш мақсадида, Шамайнинг бошини шаҳар деворидан ташлашга кўндирди. Бир неча йилдан сўнг филистлар исроилликларга қарши чиқди. Довуд ўз халқини урушга чорлади. Шоҳ энди олдингидай ёш ва куч-ғайратга тўла эмас эди. Шунинг учун халқ Довуд урушга чиқишига қарши бўлди. — Шоҳим, энди сиз бошқа биз билан урушга отланманг, чунки Исроилнинг шамчироғи ўчиб қолмаслиги керак. Довуд уларга эътироз билдирмади, қўшин саёҳатга шоҳсиз йўл олди. Шу уруш давомида Довуднинг қаҳрамон йигитлари ака-ука Гўлиётни мағлуб қилди. Шундай қилиб, паҳлавоннинг охирги авлоди ҳам йўқ қилинди. Худо Довудни ҳамма душманлардан халос этган ўша куни у Эгамизни улуғлаб, ўзининг мустаҳкам қалъа ва қўрғонига бағишлаб қўшиқ куйлади. Қаҳрамон эрларни санаб чиқиш учун у фармон берди, шоҳ яна Эгамизга қарши гуноҳ қилди. Шон-шуҳрат ва манманлик Довудда халқни санаб чиқиш иштиёқини кўзғатди. Чунки шоҳ ўз қўшинининг куч-қудрати билан мақтанмоқчи эди. Шоҳга кўплаб ғалабаларни, қўшини сонидан қатъий назар, берган Худога ҳамду санолар айтиш ўрнига, халқнинг сонини санаб чиқса! Довуднинг шоҳлиги одамзоднинг кучи билан юзага келдими?! Ўз қилган гуноҳини тушунган Довуд Худодан кечирим сўради. Худо унга қуйидаги жазолардан бирини танлаш имкониятини берди: юртда етти йил мобайнида очарчилик; душманлардан етти ой қочиб юриш ёки уч кунда юртни қириб ташлаши мумкин бўлган ўлат. — Мен ўзимни Худонинг ихтиёрига топширдим, — деди Довуд. — Унинг марҳамати чексиз. Шундай қилиб, шоҳ ўлатни танлади. Довуд халқининг ҳисобини олиб, унинг кўплигидан мағрурлангани учун етмиш минг одам ўлатдан қирилиб кетди. Охири Эгамиз раҳм қилиб, шундай деди: — Бас! Худонинг фариштаси Ўрна хирмонида турганини Довуд кўрди. Фаришта қилични қинига солди, шундан кейин шоҳ иззат-ҳурматдан, қўрқувдан титраб кетди. Довуд хирмонни ҳам сотиб олди, ҳўкизлар сотиб олди. Хирмонда қурбонлик келтирадиган жой қурдирди. Эгамизга Исроилдаги ўлатни тўхтатгани учун куйдириладиган ва тинчлик қурбонликларини бағишлади. Қачонлардир вақти келиб худди шу ерда Маъбад қурилади. * * * Эри шундоққина Бурсабонинг кўз ўнгида қариб боряпти. Сочлари оқарган, ажинлари ҳали ҳам чиройли юзида янада чуқурлашган. Худди бутун Исроилнинг юки ортилгандай елкалари чўккан. Энди у сарой йўлакларидан секингина юрар, канизакларини камдан-кам кўргани кирарди. Хотинлари ҳанузгача шоҳнинг ҳузурига турли арз-додларини айтиб, олдиларига ўғилларини солиб келишарди. Довуд уларни кўриб, то бирор бир лавозим бермагунча ўғиллари шоҳнинг қулоқ-миясини ейишарди. Имконият топилганда эса, одатга кўра, Довуд Бурсабонинг ҳузурига келиб, тунни у билан ўтказар эди. — Қачонлардир мен бургутдай кучли эдим, энди эса оёқларим дарахтларнинг танаси каби ерга қараб мустаҳкам ўсиб боряпти. Бурсабо жилмайганча эрининг оёқларини уқаларди. — Ҳаммамиз ҳам қарияпмиз, жоним. Довуд совуқдан қалтирар, Бурсабо унинг елкаларини кўрпа билан ўраб қўярди. Шоҳ хотинининг қўлларини ушлаб ўпарди. — Худди ёшлигингдаги каби, мен учун ҳалигача гўзалсан. — Сиз ҳам олдингидай мафтункорсиз, — дерди Бурсабо. У ўрни-дан туриб кўп йиллар мобайнида ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда бошидан ўтказган севикли хотин каби Довудни ўпди. — Сиз ҳали ҳам қалтираяпсиз. — Ҳа, ёшликдаги қайноқ қоним совуяпти. — Мен сизни олдин қандай севган бўлсам, ҳозирда ҳам ундан кам севмайман. — Хизматкорларим мени иситиш усулини топишибди. — Ҳа, хабарим бор. Хизматкорлар, Довуд билан ётиб иситсин, деб энг чиройли, ёш қизни ахтариб бутун юртни кезиб чиқишди. — Бундай фикрни уларга сиз айтмадингизми? — Абушайга чиройли қиз керак. Мен ўша қизга қараб кўзимни қувонтиришим мумкин. Қолганлари мен учун эмас. — Агарда сизни олдингидай сақлаб қолиш имконияти бўлганда эди, албатта ўзим учун шуни қилар эдим. — Ёшлигимда донороқ, ақллироқ бўлганимда эди… — Довуд уф тортди. — Агарда, агарда… — шоҳ бошини сарак-сарак қилди. — Мен қонунни бошқа ҳар бир одам каби билганман. Мен шуни айтишим мумкинки, шу қонунлар бизнинг юрагимизда ёзилган тақдирда ҳам, барибир, биз ўшанда ҳам хато қилишдан қочиб қутула олмас эдик. — Сиз доимо Худонинг ниятидаги эркак бўлгансиз. — Менда жуда ҳам камчиликлар кўп, мен гуноҳга кўп қўл урганман. Хиёнат қилиш, одам ўлдириш… Бурсабо кафти билан Довуднинг оғзини беркитди. — Худо сизни севади, чунки ҳар гал гуноҳ қилганингизни тушунганингиздан кейин, сиз Унинг олдида тавба қиласиз. Сиз ўз гуноҳларингиздан пушаймон қиласиз. Сиз ҳақиқатни рўёбга чиқаришга интиласиз, азизим. — Ҳамма яхши кўрганларимга мусибат келтирган одамман. Сон-саноқсиз одамлар мен шоҳлик қилган даврда ҳалок бўлишди, — Довуд бошини тебратди, унинг кўзларидан ёш қалқиб чиқди. — Нега Худо бундай қилди? Нега энди бутун Исроил халқининг орасидан айнан мени У шоҳ қилиб тайинлади? Бурсабо эрининг рўпарасига полга ўтириб, бошини унинг тиззаларига қўйди. Шоҳ бармоқлари билан унинг сочларини силаётганда, Бурсабо жилмайиб кўзларини юмиб олди. — Чунки шундай савол берадиган ягона одам сизсиз. * * * Агрифа ўғли Адонийга: «Тожу тахтга сен даъвогарсан, Абусаломдан кейин сен туғилгансан», деб уни гижгижлаётганини Бурсабо биларди. Адоний, бир пайтлар Абусалом йўл тутгандай, икки ғилдиракли арава, отлар сотиб олди. Унинг олдида югуриб боришлари учун у элликта хизматкор ёллади. У ўзини худди шоҳ каби тутарди. Буларни кўрган Бурсабо ваҳимага тушиб қолди. Наҳотки яна бир фитна уюштирилаётган бўлса? Довуд Адонийнинг қилмишлари тўғрисида ҳеч нарса демас эди, Бурсабо ҳам жим юрарди. Фақат у ўйланарди. Наҳотки Сулаймонни шоҳ этиб тайинлайман, деб берган ваъдасини Довуд унутган бўлса? Агарда Адоний шоҳ бўлса, унда Довуд ўлган куни Бурсабо ва унинг ўғиллари ҳам ўша куни ўлишади. Чунки Адоний ҳам Абусалом каби такаббур ва бешафқат. Бурсабо ўғилларидан: «Адоний Йўаб ва руҳоний Абуатар билан маслаҳатлашаётган экан», деб эшитгач, вазиятни тушунди. Адоний ўзини шоҳ этиб эълон қилганда, уни қўллаб-қувватлайдиган, тахтга интилишида уни руҳлантирадиган тарафдорлари бор. Бурсабо қўрқув билан Эгамизга юзланди. У рўза тутиб, ибодат қилди, Ундан жавоб кутди. Адоний Роғел булоғига борди. У ерда қўй, ҳўкиз ва бузоқчалардан қурбонлик келтирмоқчи эди. У Довуднинг ҳамма ўғилларини, Сулаймон ва унинг укаларидан, пайғамбар Натандан, руҳоний Боний ва шоҳ Довудга содиқ бўлган аскарлардан ташқари, ҳаммани ушбу маросимга таклиф қилди. Яна уруш яқинлашиб келаётганини Бурсабо тушунди. Балки бу Довуд ва унинг қилган гуноҳлари учун Худонинг сўнгги ҳукми бўлса керак. Бурсабонинг олдига Натан келди. Унинг кўзлари чақнарди. Пайғамбар Бурсабони огоҳлантиргани келган эди. — Агрифанинг ўғли Адоний ўзини шоҳ деб эълон қилди. Шоҳимиз Довуд ҳам бундан бехарабми дейман, билмайсанми? — деб сўради Натан Бурсабодан. — Мен ибодат қилдим. — Агар сен ўз ҳаётингни ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини сақлаб қолмоқчи бўлсанг, унда менинг маслаҳатимга қулоқ сол. Ҳозироқ шоҳ Довуднинг ҳузурига боргин-да, унга шундай деб айтгин: «Шоҳ, ҳукмдорим! Ўғлим Сулаймон сиздан кейин шоҳ бўлиб сизнинг тахтингизга ўтиришини ваъда қилмаганмидингиз? Нега энди Адоний ўзини шоҳ деб эълон қилди?» Шу гапларни сен шоҳга айтганингдан кейин, мен келиб сенинг сўзларингни тасдиқлайман. — Хўп, шундай қиламан, — деди Бурсабо. Агар Довуд берган ваъдасини эсидан чиқарган бўлса-чи? Унда нима содир бўлиши мумкинлигини ўйлаган Бурсабо чўчирди. Бурсабо шоҳ ҳузурига боргандан кейин, Довуд уни ҳам ўғиллари учун тахт талашаётган бошқа хотинларига ўхшатмасмикан? Унинг ўзга йўлни танлаш имконияти борми? Агарда тахтга ёвуз одамлар ўтирса, унда Бурсабонинг бутун оиласи халок бўлади. Бурсабо шошганича шоҳ саройининг йўлакларидан Эгамизга ибодат қилиб борарди. — Мен шоҳ билан жуда муҳим масалада гаплашишим керак, — деди Бурсабо соқчига. Аскар Бурсабога қуллуқ қилди ва шоҳга, хотинингиз ҳузурингизга ташриф буюрмоқчи, деб айтгани кетди. Бир оздан кейин у қайтиб келди ва Бурсабога эшикни очиб берди. Бурсабо шоҳнинг ҳузурига киргач, Довудга нонушта тайёрлаётган чиройли шунамлик Ойсақни кўрди. Қиз бошини кўтарди ва эгилиб Бурсабога салом берди. Майин табассумдан қизнинг юзи порлаб турарди. Бурсабо Ойсақни биринчи кўришдаёқ яхши кўриб қолди. Ойсақ шоҳ саройига келиб Довуд хизматига келгунга қадар отасининг сурувини боқиб юрарди. Ёш шунамлик қиз ва кексайган шоҳнинг ўртасида қандайдир ўхшашлик бор эди: Довуд каби Ойсақ ҳам бутун вужуди билан Худони севарди. Бурсабо эрининг қаршисида тиз чўкиб, боши ерга теккудай бўлиб салом берди. Довуд ўрнидан турди. — Бурсабо, нима бўлди? Аёл ибодат қилаётганда, юраги дукиллаб урарди: «Эй, Эгам! Ишқилиб, Довуд мени бошқа хотинлари сингари тахт ва бойликка ўч, деб ўйламасин-да». У бошини кўтарди. Бутун вужуди титраб гапира бошлади: — Шоҳим, сиз Парвардигорни ўртага қўйиб менинг ўғлим Сулаймон сиздан кейин шоҳ бўлиб, сизнинг тахтингизга ўтиришини ваъда қилган эдингиз. Бунинг ўрнига Адоний ўзини шоҳ деб эълон қилди. Бу ҳақда сиз билмайсиз ҳам. Адоний кўпгина буқачаларни, бузоқчаларни ва қўзичоқларни сўйдириб, сизнинг ҳамма ўғилларингизни, руҳоний Абуатарни ва ҳарбий қўмондон Йўабни таклиф қилибди. Довуд ўтирди. Унинг кўзлари бирданига совуқ боқди. — Лекин сизнинг ўғлингиз Сулаймонни Адоний таклиф қилмади, — деб гапини давом эттирди Бурсабо. — Шундай қилиб, шоҳим, бутун Исроил сизнинг қарорингизни кутяпти: сиздан кейин тахтга ким ўтиради? Агарда сиз ўз қарорингизни эълон қилмасангиз, сизнинг ўлимингиздан кейин мен ва Сулаймонга нисбатан жиноятчилар каби иш тутишади. — Шоҳим, ҳукмдорим, — деди эшикнинг олдида турган соқчи, — башоратчи Натан сизни кўрмоқчи. Унинг айтишича, сизда жуда зарур иши бор экан. — Майли, кирсин! — деди Довуд оғир нафас олиб. Унинг юзи қизариб кетган, бетоқат кўринарди. Сабрсизлик билан Обигайлга кетишни буюрди. — Бурсабо, сен ҳам борақол. Сени ўзим чақиртираман! Ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, Бурсабо шошганича хонани тарк этди. Довуднинг қарорини кутиб Бурсабо ҳашаматли саройнинг йўлагида у ёқдан-бу ёққа юриб ибодат қиларди: «Эй, раҳмдил Эгам! Ишқилиб Довуд башоратчи Натаннинг гапларига кирсин, — кўзларини юмиб Бурсабо тўхтади ва қўлларини қаттиқ сиқди. — Эй, Эгам! Довуднинг берган ваъдасини эслашига мажбурла. Мен Сенинг марҳаматингга лойиқ эмаслигимни биламан. Мен нолойиқман, лекин Сендан илтижо қиламан, ўғилларимнинг жонини сақлагин. Ўз қўлинг билан Сулаймонни тахтга ўтиргизгин». — Бурсабони чақир! Довуднинг важоҳатли овозини эшитган Бурсабонинг юраги тўхтаб қолгандай туюлди. Сўнг шиддат билан ўзини эшик томон урди. Юраги қаттиқ уриб кетди. Соқчи эшикни очди. — Мен шу ердаман, шоҳим, — деди Бурсабо. Довуд тик турарди. — Менинг бошимни барча фалокатлардан сақлаган Парвардигорга ҳамду санолар бўлсин. Менинг қарорим шундай: сенинг ўғлинг Сулаймон мендан кейин тахтга ўтиради. Исроилнинг Худоси — Эгамнинг кўз ўнгида ичган қасамимни бажараман, деб эълон қиламан. Бурсабо мук тушди, Довудга қуллуқ қилиб, кўзида ёш билан деди: — Ҳукмдорим, шоҳ Довуднинг умри узоқ бўлсин! Довуд руҳоний Содиқни, Бонийни ва пайғамбар Натанни чақиртирди, уларга қуйидагича буйруқ берди: — Ўғлим Сулаймонни ва менинг хизматкорларимни тўпланглар. Сулаймонни хачиримга ўтирғизиб Гион булоғига боринглар. У ерда Содиқ билан Нафан унинг бошига ёғ суртиб, шоҳ қилиб тайинланглар. Кейин бурғуларни қаттиқ чалиб тантанали равишда шундай эълон қилинглар: «Яшасин шоҳ Сулаймон!» Қайтиб келганларингиздан кейин Сулаймонни менинг тахтимга ўтирғизинглар. У менинг ворисим, Исроил ва Яҳудонинг ҳукмдори бўлади. — Омин! — дейишди руҳонийлар ва бир-бирларига қарашди. Уларнинг кўзлари тантанавор порларди. Ва ниҳоят кекса шер уйғонди. * * * Юраги хурсандчиликдан ураётган Бурсабо, Довуд хонадонининг бошқа аъзолари билан Содиқ Муқаддас чодирдан келтирилган шохдаги зайтун мойини олиб, Сулаймоннинг бошига сурди. Довуд жилмайди. Уни икки эркак суяб турарди. Уларнинг ёнида — Ойсақ. Натан қайрилиб Довудга қараган эди, шоҳ бошидаги тожини ечиб уни пайғамбарга узатди. — Тожни Бурсабога беринглар. Мўйсафиднинг кўзлари ёнди. У тожни Бурсабога узатди, аёлнинг кўзлари ёшга тўлди. Бутун халқнинг кўз ўнгида Бурсабога шундай илтифот кўрсатилди. Довуд жилмайиб Бурсабонинг олдида бош эгди. Аёл ҳам шоҳга жавобан жилмайди, қайрилиб қўлидаги шоҳлик тожини ўғлининг бошига кийдирди. Халқ хурсандчиликдан бақирарди. — Яшасин шоҳ Сулаймон! Одамлар қайта-қайта Сулаймонни бақириб дуо қилишди. Кимдир най чала бошлади. Минглаб одамлар шаҳарнинг кўчаларида қўшиқ куйлаб рақсга тушишар эди. Бундай хурсандчиликдан оёқлар остидаги ер ларзага келди. Бурсабо кулиб шодланди, унинг юраги хурсандчиликдан ёрилиб кетай дерди. У олдин Довудга, сўнг ўғлига қаради. Зайтун мойи Сулаймоннинг юзидан оқиб тушиб соқолида сингиб кетарди. «Худонинг суюкли фарзанди!» Ким билиб ўтирибди унинг ўғли бутун Исроил устидан шоҳлик қилишини! Эй, Парвардигори Олам, Исроилнинг Худоси, раҳмдил Нажоткорим! Сен менинг қалбимга шифо бердинг, қара, Сен мен учун нималар қилдинг! Қара, Сен нималарга қодир экансан! Бурсабо қўлларини кўкрагига қўйиб тиз чўкди ва қуллуқ қилди. Сулаймон тахтга ўтиргандан кейин, Довуд мадордан кетганига қарамай унга таъзим қилди. — Эгамизга, Исроилнинг Худосига ҳамду санолар бўлсин. Менинг тахтимда ўтирган ўғилни У берган. Мен бунинг гувоҳи бўлиб турганимдан Унга шукроналар айтаман! Хабарчи келиб Довудга: «Адонийнинг меҳмонлари Эгамиз танлаб олган ва мой суртилган Сулаймонга бағишланган байрам садоларини эшитиб тарқалиб кетишди, — деб айтди. — Ҳозирда улар ўз ҳаётлари учун хавотирланиб, шоҳ Сулаймонни дуо қилмоқчилар, таъзим бажо келтирмоқчилар». Довуд ўрнидан турди. Уни кўрган Бурсабо ҳам жойидан қўзғалаётган эди, Довуд боши билан имо қилиб уни тўхтатди. — Жонгинам, шу кундан завқлангин. Қара, Эгамиз қандай мўъжи-за кўрсатди! Довудни икки ўғли суяб меҳмонхонадан олиб чиқиб кетишди. Уларнинг кетидан Ойсақ эргашди. Яна бир чопар келиб Сулаймоннинг оёқларига ўзини ташлади. — Шоҳим, ҳукмдорим! — Ўрнингдан тургин-да, гапир! — Адоний сиздан жуда қўрқиб кетди, паноҳ излаб Муқаддас чодирга кирмоқчи. Адоний: «Сулаймон мени ўлдирмасликка онт ичсин!» деди. Сулаймоннинг кўз олди қоронғулашди. У тахтнинг тирсакқўйгичини маҳкам ушлади. Буни кўрган Бурсабонинг дами ичига тушиб кетди. — Агар у ҳалол, пок бўлса, мен унга ҳеч қандай зарар етказмайман. Айтганимни қилмаса, ўлдирилади. Сулаймон соқчига акасини чақиртириб келишни буюрди. Шундан кейингина Бурсабо енгил нафас олди. Адоний бошини эгиб Сулаймонга таъзим қилди. Унгача келганлар шоҳнинг хузурида тиз чўкишган эди. Лекин Адоний бундай қилмади. У эгилиб таъзим қилмасдан, бошини қуйи солди, холос. Диққат билан акасини кузатган Сулаймоннинг кўзлари ўйнади. — Адоний, уйингга жўна. Сени огоҳлантирганимни эсингдан чиқарма. Адоний қайрилиб эшик томон кетаётганда, меҳмонхонада сукунат ҳукм сурди. Агар ака-укалар бир муросага келишмаса, ундай ҳолда уларни фалокат кутади. * * * Сулаймонга ёғ суртиб шоҳ қилиб сайлашгандан кейин, Довуднинг соғлиғи кескин ёмонлашди. Ҳар куни эрталаб Бурсабо эрини кўргани кирарди, лекин доимо унга Ойсақ қараб турарди, ҳатто зарурий эҳтиёжларини ҳам Ойсақ ўз зиммасига олган эди. Бутун умр бўйи яхши кўрган одами кундан-кун сўлиб бораётганини кўрган Бурсабонинг юраги сиқиларди. Довуднинг вақт-соати яқинлашиб қолганини пайқаган Бурсабо ўғли Сулаймонни шоҳлик ишларини қўйиб отасининг олдига чақиртириб келди. Шоҳ ўзи билан укалари Шимуни, Шовавни ва Натанни бирга олиб келди. Сулаймон отасининг олдида тиз чўкди. Довуд қўлини унинг бошига қўйди. — Ўғлим, — деди у хириллаган овоз билан, кўзлари ёшга тўлиб. — Ўтир, олдингидай бир гаплашайлик. Довуд уни ўраб турган барча қариндош-уруғларига жилмайиб боқди. Чўзилиб Бурсабонинг қўлини ушлади. — Мен ҳар бир ерда яшовчи одам борадиган манзилга кетишга отланяпман. Сулаймон билан укалари йиғлаб юборишди. — Бардам бўл, — деди Довуд Сулаймонга юзланиб, — ботир бўл! Сенинг Худоинг, Эгангнинг аҳдини ёдингда сақла, Унинг йўлидан юргин! Унинг қонунларига ва насиҳатларига итоат қилгин. Мусо ёзган қонунларни, Унинг қарорларини оғишмай бажар, шундагина сен қаерга борсанг ёки нима иш қилсанг, У сени марҳаматлайди. Агар шуларни сен бажарсанг, Эгам берган сўзини, У менга берган қуйидаги ваъдасини бажаради: «Агарда сенинг ўғилларинг Мен кўрсатган йўлдан бориб чин дилдан, чин юракдан тоат-ибодат қилишса, Исроил тахтининг меросхўри тоабад сенинг авлодингдан бўлади». Эрининг тобора пасайиб бораётган овозини эшитган Бурсабо кўзларини юмди. Унинг томоғига бир нарса тиқилди, кўзларидан аччиқ ёш оқди. У эридан ажралиб қолаётган эди. Шунча йил биргаликда яшаган Довуд севгилиси Бурсабони ташлаб кетяпти. Довуд Бурсабонинг қўлини қўйиб юборди. Ётган жойидан сал кўтарилди, у нимадандир ҳавотирланар, алланималарни айтишга шошиларди. — Ҳа, яна бир нарса. Сулаймон, сен Зеруя ўғли Йўабни биласан. У Исроил қўшинининг икки сардорини ўлдирган: Нар ўғли Абнур билан Этер ўғли Эмосани ўлдириб, тинчлик пайтида уруш давридагидай қон тўкди. Йўаб, улар урушда қурбон бўлишди, деб талқин қилди. Аслида эса бу қотиллик тинчлик ҳукм сураётганда содир этилган. Шундай қилиб, Йўаб белбоғини ва ўзининг оёқ кийимини бегуноҳ одамларнинг қизил қонига белади. Сулаймон, сен унга нисбатан доно ҳукм чиқаргин, токи Йўаб сочи оқариб, қариб қолгандан кейингина дўзахга тушмасин! — Ҳўп бўлади, отажон. — Борзулайнинг ўғилларига ғамхўрлик қилгин! — Ҳўп, отажон. — Бохуримлик Геранинг ўғли Бенямин уруғидан Шамайни ёдингдан чиқарма. Мохинойимга йўл олаётганимизда, у мени ёмон сўзлар билан ҳақоратлаган эди. Иордан дарёсида у менга пешвоз чиққанда, Эгамнинг номини ўртага қўйиб уни ўлдирмасликка қасам ичганман. Лекин бу қасамим унинг гуноҳидан ўтдим, дегани эмас. Сен доно шоҳсан, қандай йўл тутишни ўзинг биласан. У ҳам сочлари оқариб қариган чоғидагина тўғри дўзахга тушишига йўл қўйма! Довуд инграганча жойига чўзилди. Бурсабо чўчиб кетди, лекин ҳеч нима демади. Бошини буриб Довуд Бурсабога тикилди. Оғриқдан унинг юзи тиришди. — Оҳ, севгилим, — деди у майингина. Довуд чуқур нафас олди, сўнг унинг танаси бўшашди… Бурсабо турган жойида тебранди, ўткир оғриқ ханжардай унинг юрагига санчилди, ёшлари кўзларини куйдириб оқди. Ойсақ эгилиб юмшоққина қўллари билан Довуднинг кўзларини беркитгандан кейин, Бурсабо дод-фарёд солди. Йиғлаб у кўйлагининг ёқасини йиртди, кўкрагига муштлаб оҳу-нола қилди. Худди кимдир унинг кўкрагидан юрагини суғуриб олмоқчи бўлгандай туюлди. — Довуд! Дов-у-у-уд! Бурсабонинг ўғиллари ўрниларидан туриб, соқчилардай онасини ўраб олишди. Шоҳ Сулаймон қўлларини оҳиста онасининг елкаларига қўйди. * * * Довуд ўз шаҳрида улкан эҳтиром ила дафн этилди. Халқ мотам тутаётганда, Бурсабо Худодан одамлар Довуднинг йўл қўйган ҳатоларини эмас, балки фақат яхшилигини, қилган эзгу ишларини, Худога содиқлигини эслаб юришларини илтижо қиларди. Сулаймон шоҳлик вазифасини қийналмай бажарарди, чунки унга Натан, руҳонийлар шоҳликни бошқаришни ўргатишарди. Лекин у тахтда бехавотир ўтира олмас эди. Душманлар унга қарши куч йиғишарди. Бир куни кечқурун Адоний Бурсабонинг олдига келди. — Онажоним сизга саломлар йўллаяптилар, — деди Бурсабога таъзим қилиб. Бурсабо саройга келгандан бери биринчи бор Адоний унга бундай муносабатда бўлиши. Унинг онаси Агрифа ҳам Махага ўхшаб доим, ўғлим шоҳ бўлиб тахтда ўтирса, деб орзу қиларди. — Сен ёмон ният билан келдингми? Адонийнинг фойдаси учун Бурсабо унга яна бир бор Сулаймоннинг огоҳлантирганини эслатиб қўйиши жоизми? Ёки олдин унинг гапларига қулоқ тутиб нима мақсадда келганини билиб олиш маъқулми? — Йўқ, — деб жавоб берди шошганича Адоний. — Мен тинчлик билан келдим. Мен сизнинг илтифотингизга сазовор бўлмоқчиман. Илтифот? Бурсабо бошини қуйи солди. — Қандай илтифот? — деб сўради аёл эҳтиёткорлик билан. — Шоҳлик ўзи менга тегишли эканлигини сиз билар эдингиз. Бурсабонинг диққати ошди, юраги тез-тез ура бошлади. Нима, Адоний Абусаломдан кейинги тахт вориси эканлигини менга эслатмоқчими? Ёки у исёнга ишора қиляптими? Адоний шоҳликдаги бақувват эрларнинг ишончини қозонган. Балки ўшалар Адонийни шоҳ бўлишга ундашаётгандир. Довуд қариган, касалманд чол, улар-нинг фитнасидан бехабар деб ўйлаб ҳатога йўл қўйишган. Уларнинг фикрича, шоҳ фитнадан хабар топган тақдирда ҳам, исённи бостириш учун зарур бўлган аскарлар сонини тўплай олмаса керак. Адоний қуроли йўқлигини қўрсатиш учун қўлларини олдинга узатди. — Мен шоҳ бўлишимни ҳамма кутган эди. Лекин бахт менга ку-либ боқмади. Эгамнинг хоҳиши шундай экан, бутун салтанат укамга ўтди. Бурсабо унинг кўзларидан ҳийлагарлигини билмоқчи бўлди, лекин ундай эмас экан. Адоний хақиқатдан ҳам Довуднинг хоҳиши шундайлигига кўникди. Бу Худонинг иродаси. Эгамиз Сулаймонни шоҳ қилиб танлади. Бурсабонинг ўғли Сулаймонни! Мен ҳалигача, Худойим, айнан менинг, хиёнаткор аёлнинг ўғлини Сен шоҳ қилиб танлаганингга ҳайрон қоламан… — Мана энди, — деб гапини давом эттирди Адоний Бурсабонинг хаёлини бўлар экан, — менга бир илтифот кўрсатинг. Илтимос, «йўқ» деманг. — Қандай илтифот? Йигит унга яқинлашиб чўккалади. Унинг кўз олди қоронғулашган, юзи бетоқатликдан таранглашди. — Шоҳ Сулаймон билан мен тўғримда гаплашинг. Мен биламан, у сизга ҳеч «йўқ» демайди. Илтимос қилиб, менга шунамлик қиз Ойсақни хотинликка олиб беринг. Ойсақ! Бурсабо диққат билан Адонийга тикилди. Ҳақиқатдан ҳам, Адоний қизни севишини тушунди. Чунки унда ҳис-туйғу, эҳтирос, муҳаббат жўш уриб турарди. — Яхши, — деди аёл ва Адонийнинг кўзлари порлаб кетганини кўрди. — Мен шоҳ Сулаймон билан сен ҳақингда гаплашаман. Адоний бошқа бир оғиз сўз ҳам гапирмади. Лекин у ўрнидан турганда, тантанавор, лекин вазмин кулгидан лаблари қийшайди. * * * Бурсабо ўғлининг — шоҳнинг олдига боришидан олдин ўзининг энг чиройли либосларини кийиб олди. Сулаймонга онасининг келганлиги ва у билан гаплашмоқчи эканлигини хизматкор етказгунча, у кутиб турди. Бурсабо меҳмонхонага кирганда, Сулаймон ўтирган тахтидан турди, онасига пешвоз чиқди. Ўғли унга эгилиб таъзим қилганда, онаси қизариб кетди. Бутун сарой аҳли шоҳни кузатиб турарди. Жилмайганича Сулаймон онасининг қўлидан ушлаб уйнинг тўрига етаклади. — Менинг онам учун яна бир тахт олиб келинглар, — деб буйруқ берди у. — Ўғлим, сен менга жуда кўп илтифот кўрсатяпсан, — деб пичирлади Бурсабо шоҳнинг тахтини ёнига яна бир тахт қўйишаётган хизматкорларни кўриб. — Сизни қандай эъзозлаётганимни халқ кўриб қўйсин, онажон, — жилмайди Сулаймон. У онасининг биринчи бўлиб ўтиришига ёрдамлашди. «Отангни ва онангни ҳурмат қил», деб ўргатади қонунимиз. Лекин одамлар Бурсабо тўғрисида чақимчилик қилишни бас қилмайдилар. Гарчи Бурсабо ўғлини ўзи ҳақидаги ёмон гаплардан асрамоқчи бўлса ҳам, барибир, халқ унга қарши эди. Шу ўтган йиллар давомида одамлар унинг ўғилларидан нафратланмасмидилар ёки унинг фарзандларидан юзларини ўгирмасмидилар? Ундан кўра, Бур-сабо узоқроқда танҳоликда яшагани маъқул эди. Балки ўшанда халқ уни унутиб юборармиди. Бурсабони кўрмаганларидан кейин, унинг гуноҳи тўғрисидаги гап-сўзлар унутиларди, Сулаймоннинг шоҳлигига салбий таъсир этмасди. — Менинг одамларга адоватим йўқ, ўғлим. — Мени ҳам, онажон, — Сулаймоннинг кўзлари чақнаб кетди. — Лекин, онажон, чегара бўлиши керак. Менинг отам сизни жуда яхши кўрарди, сизга маликадай муносабатда бўларди. Ҳамма сизга шундай муносабатда бўлиши керак, — шоҳ чуқур хўрсинди ва яна жилмайди. — Энди сўзланг, онажон. Сизни нима безовта қиляпти? Мен биламан, бирор жиддий сабаб бўлмаса, сиз менинг ҳузуримга келмасдингиз. Бурсабо кафтини Сулаймоннинг қўлига қўйди. — Сенга кичкина бир илтимосим бор эди, — Бурсабонинг аралашуви акаси Адоний билан ўғлининг муносабатини, Бурсабо билан Довуднинг бошқа бевалари муносабатини яхшилаши мумкин эди. — Мени илтимосимни рад этмайсан, деб ўйлайман. — Онажон, сизнинг қандай илтимосингиз бор? Сизга мен «йўқ» демаслигимни биласиз. Бурсабо ўзини енгил ҳис қилди. — Сенинг аканг Адоний Ойсақни — шунамлик қизни хотин қилиб олишига ижозат бер! Сулаймон жим бўлиб қолди. Ўғлининг юзидаги қаҳр-ғазабни ва норозилик ҳиссини кўрган Бурсабонинг юраги урмаётгандай бўлиб қолди. Шоҳ шиддат билан онасининг кафтидан қўлини тортиб олди. Ўғлининг ортиб бораётган ғазабини кўрган она қалтираб тез-тез нафас оларди. — Сиз қандай қилиб Адонийга Ойсақни беришимни илтимос қиляпсиз? — деди Сулаймон секинлик билан. — Унда шоҳликни ҳам беришимни илтимос қилинг! Сиз уни менинг акамлигини, руҳоний Абуатар ва Зеруя ўғли Йўаб уни қўллаб-қувватлашларини ҳам биласиз. Адонийни отамнинг канизакларининг бирига кўз олайтириши — бу шоҳликка даъвогарлик қилиши билан баробар-ку! — Сулаймон ўрнидан отилиб турди. — Ушбу илтимоси билан Адоний ўзига сўнгги ҳукм чиқармаган бўлса, мени Худо урсин! Эй, Парвардигорим, йўқ! Мен нима қилиб қўйдим? — Эгам мени қўллаб-қувватлади, тахтга отам Довудни ўтирғизди, — деб мурожаат қилди Сулаймон ҳамма йиғилганларга. — Ваъда қилганидай, Эгам менинг хонадонимни мустаҳкамлади. Эгам шоҳид! Адоний бугун ўлиши керак! Бурсабо бақириб юборди. Сулаймон яна бирор нималар гапириб юбормаслиги учун онаси қўлларини узатиб уни тўхтатмоқчи бўлди. Лекин Сулаймон онаси тарафга қарамади ҳам ва ўзига энг содиқ бўлган хизматкори Вонийни чақиртирди. — Ҳозироқ боргинда Адонийни ўлдир! — Ҳўп бўлади, шоҳим! Воний қиличини қинидан суғурди-да, шиддат билан чиқиб кетди. Бурсабо қўлларини тиззасига қўйиб, бошини эгди. Сулаймон яна бошқа хизматкорини чақиртирди, зудлик билан руҳоний Абуатарни олиб келишини буюрди. Сулаймон онасига қаради. Бурсабо бошини кўтарди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлган. — Билмадим. Мен иш шу даражада бўлади, деб ўйламаган эдим. — Онажон, сиз кетақолинг, — деди яна майинлик билан Сулаймон. — Тинчланинг, сиз билан кейинроқ гаплашаман. Бурсабони титроқ босиб секингина ўрнидан турди. Сулаймон қовоғини солиб, онасини қўлтиқлади. — Онажон, — деди у юмшоққина. — Ҳаммаси яхши, — титроқ овоз билан деди Бурсабо. — Онамни ўз хоналарига кузатиб қўй! — деб буйруқ берди шоҳ хизматкорига ва онасига ғамхўрлик қилишни бошқаларга юклади. Ҳамманинг нигоҳи Бурсабога қаратилган эди. У бошини кўтариб мағрур, муносиб равишда меҳмонхонани тарк этди. Йўлакдан у жимгина юриб ўтди. Аёллар яшайдиган уйга жавобгар бўлган харам оғасига Сулаймоннинг хизматкори Бурсабони топширди. — Бекам, — деди у қовоғини солиб. Бурсабо бошини тебратди. Унинг олдидан жимгина ўтиб, ўз хонасига кириб кетди. Бурсабонинг ҳузурига чўри қиз кирди. — Бекам! Сизга нима қилди? Нима содир бўлди? Бурсабо пешонасини ушлади. — Мени ёлғиз қолдир. — Лекин сизнинг тобингиз йўқ. Бурсабо «йўқ» дегандай бошини сарак-сарак қилди. — Ўзим ёлғиз қолгим келяпти. Илтимос, кетавер! Мен ўзимни яхши ҳис этяпман. Ҳавотирланган чўри қиз чиқиб кетди. Эшик ёпилгач, Бурсабо полга ўтирди. Бўзлаганини биров эшитмаслиги учун у рўмол билан юзини ёпиб, кафтлари билан чангаллаб олди. — Эй, Эгам! Исроилнинг Худоси, марҳамат қил… менга марҳамат қил. Бурсабонинг қаттиқ бўзлагани бутун вужудини титратиб юборди. Довуднинг қилган гуноҳидан яна бир одам қурбон бўлди. Еттинчи боб Сулаймон душманларини йўқ қилиш учун қатъият билан ҳаракат қиларди. Адоний ўлдирилгандан кейин, Йўаб Эгамизнинг Муқаддас Чодирига қочиб кетди. Йўаб у ерга боргач, икки қўли билан қурбонгоҳнинг шохини[12] маҳкам ушлаб олди. Шоҳ Сулаймон яна Вонийга буйруқ берди. — Қурбонгоҳда Йўабни ўлдир. Сўнг кўмиб кел. Бегуноҳ қон тўкилганлик айбини мендан ва отамнинг хонадонидан озод қилгин. Гуноҳсиз, ундан минг карра устун турган ҳақиқий эр йигитларни ўлдиргани учун бу унга нисбатан Эгамизнинг жазосидир! Сўнг Сулаймон Абуатарни Худонинг руҳонийлик вазифасидан озод қилди ва уни Анатўтга жўнатди. Қолган умрини подшоҳ жазосига биноан у ўша ерда ўтказадиган бўлди. Сулаймон Шамайни чақиртириб, Қуддуснинг чегарасини тарк этмаслигини унга буюрди. — Қидроннинг сувларини кечиб ўтган кунинг, шубҳасиз, ўласан. Ўлимингнинг гуноҳи ўзингнинг бўйнингда бўлади. Сулаймон уни пойлаб юриш учун соқчи қўйди. Чунки шоҳ бирор кун Шамай барибир Сулаймоннинг буйруғини бажармаслигини билар эди. Шамай бир куни шартни бажармаганлиги учун қатл этилди. Худо танлаб ёғ суртилган Довудни ҳақоратлагани учун ҳам Шамай жазосини олди. Сулаймон ҳамма нарсани эътибордан қолдирмаслигини барча биларди. Шоҳ ҳаммага ўзининг қаттиққўллигини, давлат ишларини сидқидилдан бажараётганини намоён қилди. Ҳеч кимга нопок ишларни қилишга, ҳийла ишлатишга шоҳ йўл қўймайди. Сулаймоннинг қилаётган ишларидан хабар топган Бурсабо хур-санд бўлишдан кўра, кўпроқ енгил тортди. Балки шунча қон тўкилгандан кейин Исроилда тинчлик ҳукм сурар. Балки эркаклар энди қўшни халқлар билан жанг қилишларига чек қўйилар. Балки Канъонда тўкин-сочинлик вақти келгандир. Эркаклар меҳнат қилиб, қилган меҳнатлари натижасида роҳат-фароғатда яшашади. Шубҳасиз, бу Эгамизнинг улкан марҳамати бўлади. Бурсабо нотинч замонда туғилган эди. Тинчлик унинг юртида камдан-кам бўларди, худди совуқ ва узоқ қишдан кейинги кўклам нафаси каби. Баҳорнинг хушбўй ҳиди ажойиб фасл яқинлашиб келаётганидан дарак берар, лекин тинчлик узоққа чўзилмас эди. Унинг ёшлигида бўлган эди! Ҳозирда Бурсабо кексайган, яшашдан чарчаган, жуда-жуда чар-чаган. Ажабо, ўтган ҳаёти кўз олдига осонликча келаверди. Унинг хаёлига тез-тез ажойиб хотиралар тушади. Бу хотиралардан Бурсабонинг юраги сиқилади. Уни қўлида кўтариб жилмайиб турган Ахитофел. Ёниб турган гулхан шуъласидан бронза туси ила доимо юзида табассум билан турган дадаси. Иссиқ бағрига уни босган онаси. Бурсабони урмоқчи бўлиб тошни кўтарган, аммо ташлаб юборган, кейин унга тескари қараб кетаётган Уриё. Ниҳоят, Довуд. Ҳар ерда ҳозиру нозир Довуд. У Бурсабонинг орзуларида яшарди: мана оҳу каби чаққонлик билан у чўқкиларга кўтариляпти, ўзининг халқига санолар куйлаяпти, Эгамизга қарашли мустаҳкам шоҳликни барпо этишга ундаяпти. Эҳ, Бурсабо уни қандай севарди-я, ҳозирга қадар ҳам шундай севади! — Онажон, — деган майин овоз эшитилди. Бу овоз уни ширин ҳаёллардан ҳақиқатга қайтишга ундади. Бурсабо бир лаҳзага кўзини юмди-да, сўнг жилмайиб бошини бурди. У Сулаймоннинг юзларини силади. Шоҳлик тожи ўғлининг бошида мустаҳкам турарди. Сулаймон эсли-ҳушли йигит, доим укаларини кузатиб юради, керак бўлганда, уларни ўз ҳимоясига олади. У Худонинг Каломидан эзгуликни излаб, Исроилни бошқа халқларга машъал қилиб кўрсатишга интиляпти. Бурсабо ўғилларидан ташвиш тортмаса ҳам бўлади. Эгамизнинг Ўзи унинг фарзандларини Ўз паноҳига олмадими? Турли фитналар уюштирилаётган сарой деворлари ичида Худо унинг ўғилларини бу ноҳушликлардан асраб қолмадими? Хиёнаткор аёлнинг ўғлини Худо Исроил тахтига ўтирғизиб қўйишини ким ҳам ўйлабди? Унинг ўғли итоатсиз халқ устидан ҳукмронлик қилишини ва ўзининг шоҳлигини энг қудратли шоҳликка айлантиришини бирор кимса хаёлига келтирганмиди? Эй Эгам! Сенинг марҳаматинг ҳамма нарсадан устун туради! Мен бунга нолойиқман. Мен бу дунёни тарк этиб кулга айланишимдан олдин фарзандларим нимага муҳтож бўлишса, шуни беришингни Сендан илтижо қиламан. — Болаларим, менга қулоқ тутинглар, — деди Бурсабо унинг тўшаги олдида тўпланган фарзандларига. — Отангизнинг панд-насиҳатларини ёдингизда тутинглар. Мен сизларга берган ўгитларимни унутманглар. Худодан қўрқинглар, чунки ҳамма нарса Унинг қўлларида, Усиз сизлар ҳеч нима қила олмайсизлар. Дуру олтиндан кўра Эгамизнинг муқаддас қоида ва амрларини ёдда сақланглар. Диққат билан тинглаб, чин юракдан Эгамизнинг аҳдларига риоя этинглар. Доимо Худонинг марҳамати ва лаънати ҳақида эсланг, тўғри, доно йўл танланг. Бурсабо Сулаймонга қаради. У Довуд каби келишган йигит эди. Лекин отасида етишмаган қатъиятлилик унда мавжуд бўлиб, баъзи бир орсизлиги онасининг дилига озор берарди. Балки ўғлининг бундай иллатига сабаб саройдаги бойлик, тахтга ўта ўч одамлар орасида яшаганига боғлиқдир. Бурсабо Сулаймонга қўлини узатди. У онасининг тўшагига ўтирди. Волидасининг қўлини қўлларига олиб, ўпди. Шовав, Шима ва Натан онасига яқинроқ келишди. Уларнинг ҳам кўзлари тўла ёш. — Мен отангизни қанчалар севганимни сизлар яхши биласизлар, — деди Бурсабо қалтироқ овозда. Сулаймон унинг қўлларини қаттиқ сиқди. — Ҳа, онажон. Довудга бўлган севгингиздан ҳеч ким шубҳаланмайди. — Ундай бўлса, менинг сўзларимни диққат билан тингланглар, ана шундагина сизлар турли ёвузликлардан, дарду аламдан ўзингизни ҳимоя қиласизлар. — Онам бетоблар, — деб пичирлади Шовав. — Балки, чўри қизни чақирганимиз маъқулмикан? — Йўқ, — деди Сулаймон онасидан кўзини узмас экан. — Майли, гапирсинлар. Бурсабо ҳаёти охирлаб қолганини тушуниб турарди. — Сизлар қачон уйланмоқчисизлар? — Бурсабо ҳамма ўғилларига бирма-бир қараб чиқди, унинг нигоҳи Сулаймонда тўхтади. — Ўзларингизга хотин танлашда адашманглар, Исроил қизларига уйланинглар. Танлаган рафиқаларинг ёшгина, Эгамиздан қўрқадиган, унга суянадиган, меҳнаткаш, оилани донолик билан бошқарадиган, раҳм-шафқатли, камбағалларга қайишадиган бўлсин. У кучли, соғлом ўғилларни туғиб Эгамизнинг йўлидан юрадиган ҳақиқий эркакларни тарбияласин. Ташқи кўринишига маҳлиё бўлманглар, — Бурсабо ғамгин жилмайди. — Чирой кўпинча беҳуда ва ёлғончи бўлади. Сизлар чиройли аёллар орасида улғайдингиз. Баъзида улар қандай ёвузликларга қодир эканликларига гувоҳ бўлдингиз. Наҳотки?! Ахир, Довуд биринчи бор унинг чиройига маҳлиё бўлмаганмиди? Буни аёллик юраги билан Бурсабо ҳис этиб гуноҳга эшикларини ланг қилиб очиб бермаганмиди? Эҳ, бу гуноҳ уларга қанчалар қимматга тушди! Ҳалигача Бурсабо бунинг жазосини тортиб келяпти. Эй, Эгам! Менинг фарзандларим бундай хатоларга йўл қўйишмасин. Уларга Сен донолик ато эт! Токи ўғилларим дунёвий неъмат-ларни эмас, балки кўпроқ Сени яхши кўрадиган, Сени чин юракдан севадиган, бутун вужуди, онги билан Сенга интиладиган тақводор хотин танлашсин! Бурсабо Сулаймонга қараб жилмайди. — Яхши фазилатли аёл ажойиб рафиқа ва сенинг бошингдаги тожинг бўлади. Ўғилгинам, сен шоҳлик тожига эмас, аксинча, ўшандай тожга катта завқ-шавқ билан боқасан. Бурсабо Шовавга, Шимунга ва Натанга қаради. Ажойиб, келишган ўғиллар! Ҳар бири Эгамизнинг инояти, Унинг марҳамати ва раҳм-шафқати исботи. Эй, Эгам! Менинг панду насиҳатларимни фарзандларим рад этмасинлар. — Яхши хислатларга эга хотин эрининг шуҳратини оламга ёяди. У болаларини тарбиялаб Эгамиз Худонинг йўлидан боришни ўргатади. Бундай ўғиллар Довуд хонадонини мустаҳкамлайдилар, бизнинг халқимизни Худонинг марҳаматига сазовор қиладилар. Бурсабо фарзандларига ҳали жуда кўп гапларни айтмоқчи эди, лекин бас қилиш кераклигини у тушунди. Она қанчалар кўп гапирса, ўғиллар шунчалар кам қулоқ солардилар. Бундан ташқари, ушбу насиҳатларни у олдин ҳам берган эди: уларни чақалоқликларида бағрига босганда, сал катта бўлиб онасининг тиззасида ўтирганларида, кап-катта йигит бўлиб Бурсабо уларни Эгамизнинг пайғамбари Натаннинг олдига жўнатганда. Эй, Эгам, Исроилнинг Худоси! Менинг ўғилларимга Сен нималарни раво кўрасан? Сенинг шафқатинг беқиёсдир. Бурсабо ўзининг ўғилларига Эгамизни севишни, Унга сидқидилдан хизмат қилишни қўлидан келганча ўргатишга харакат қилди. Бу ёш йигитлар у яхши кўрган Довуддан, отасидан яхшироқ бўлишларини она жуда-жуда истарди. Ва ҳозирга қадар Бурсабо Довудни севади. Довуднинг ўлими унинг юрагидаги севгисини сўндирмади. — Мен жуда чарчадим. Бурсабо ташналик билан ўғилларига боқди. Улар бирин-кетин эгилиб онасини ўпдилар, сўнг қаддиларини ростлаб эшикдан чиқиб кетишди. Улар ўзлари танлаган ҳаётга яна қайтиб шўнғидилар. Сулаймон ушланиб қолди. — Онажон, сиз отам учун жуда ажойиб хотин бўлгансиз, — деди у мулойимлик билан. Шоҳнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган эди. — Сиз отамни бошқа хотинлари каби тилингиз билан севмагансиз. Сиз уни чин дилдан улуғлар эдингиз. — Мен унга кўп мусибатлар келтирдим. — Ва Худонинг улкан марҳаматини ҳам, — Сулаймон жилмайди. — Тўрт ўғилни, улардан бир ўғил шоҳ бўлди. — Худонинг инояти билан, ўғилгинам, — Бурсабо Сулаймоннинг қўлини ўпди. — Бу дунёда Ким ҳақиқий ҳукмдор эканлигини сен ҳеч қачон эсингдан чиқармагин. Бурсабонинг хаёли яна ўтмишга кетди. У онасининг овозини эшитди. «Шоҳ кучли хонадон барпо этиши ва у шоҳликни асраб авайлаши керак». Бурсабо Сулаймоннинг қўлини қаттиқ сиқди. — Шоҳнинг ҳаёти оддий чўпоннинг ҳаётига қараганда анча мураккаброқ. Сенинг отанг бировнинг қудуғидан сув ичди, ўзининг булоғини эса заҳарлади. Сулаймон қовоғини солди. У онасига бир нима демоқчи эди, лекин Бурсабо олдинроқ уни саволга тутди. — Ўғлим, сен бирор қизни чин дилдан севиб қолдингми? — Ойсақни. Бурсабонинг юрагида санчиқ турди. У Уриёни ўлдириш ҳақидаги Довуднинг буйруғини эслади. У Сулаймондан Адоний учун шу-намлик қиз Ойсақни сўраб келганда, ўғлининг ўша кундаги важоҳати эсига тушди. Сулаймон онаси томон эгилди. — Йўқ, онажон. Мен акамни аёл киши учун ўлдиришни буюрмадим. Мен Адонийни унинг ёвуз ниятлари учун ўлдирдим. У тахтни эгалламоқчи эди. Исён минглаб одамларни ҳаётига завол бўлиши ва Исроилни тартибсизликларга дучор қилиши мумкин эди. Курашиш керак! Худо шоҳ Довудни Исроилнинг ташқи душманлари устидан ғалаба қозониши учун яратган. Мен бўлсам орамизда яшаётган ички душманларни йўқ қилишим керак. Сўнг юртимизда тинчлик ҳукм суради. Шундай бўлсин, эй, Парвардигор! Шундай бўлсин! Бурсабо ҳар дақиқа кучдан қолиб бораётганлигини ҳис қилди. — Ўз булоғингни тозалигини сақла, — деди у секингина. — Ойсақни хотинликка ол. У худди мен сенга таърифлаб берган аёл ҳисобланади. Унга садоқатли бўл! Мен биламан, сен шоҳсан. Шунинг учун хоҳлаганингча хотин ва канизаклар олишинг мумкин. Бу шоҳларнинг одати бўлиб қолганини ҳам биламан. Лекин ўғлим, эркинлигинг гуноҳ қилиш учун баҳона бўлмасин. Ёшлигингдаги хотининг билан тасалли топгин. — Мен ўз хонадонимни мустаҳкамлашим керак. — Йўқ, ўғлим. Эгам сенинг хонадонингни мустаҳкамласин. Сулаймон эгилиб онасининг юзидан ўпди. Ўғли хотинларнинг гапига кирмайдиган эркаклигини онаси биларди. Эй, Эгам! Наҳотки Сулаймон ҳам отаси йўл қўйган хатоларни такрорлайди? Ёки эркакларнинг табиати шундаймикан? Балки шундайдир. Биз қонунни биламиз, лекин чамаси, уни бажаришга қодир эмасмиз. Сулаймон гавдасини ростлаб орқага тисарилди. Бурсабо ўғлининг қўлини қўйиб юбормай, узоқроқ, кучи етганча ушлаб туришга харакат қилди. — Онажон, мен сизни яхши кўраман, — деб пичирлади Сулаймон бирданига бўғиқ овоз билан. — Мен сизни яхши кўраман, лекин мен кетишим керак. Бурсабо ўғлининг қўлини қўйиб юборди. Сулаймоннинг бармоқлари онасининг кафтидан сирғалиб тушди. Чўри қиз шоҳга эшикни очиб берди, Сулаймон онасининг хонасини тарк этди. Бурсабо тўшагига ётиб кўзларини юмди. Эй, Эгам! Бизни ўзимиздан қутқариш фақат Сенинг қўлингда. Эй Эгам, келиб бизни қутқар. Келгин-да, орамизда биз билан бирга бўлгин. Қачонлардир Сен Адан боғида юрганинг сингари бизнинг орамизда ҳам юргин. Қачонлардир Мусо билан сўзлашганинг сингари биз билан ҳам юзма-юз мулоқотда бўлгин. Қачонлардир Енохни олганинг сингари бизни ҳам ёнингга олгин. Гуноҳкор юракларимизни ўзгартир. — Бекам, — деб чақирди хизматкор қиз, унинг овозида безовталик хисси сезилиб турарди. Бурсаб кўзларини очди. — Ҳаммаси жойида. Қиз бекасининг чойшабини тўғрилади, унинг ёнига ўтириб қўлла-рини силади. Бурсабо яна кўзларини юмди, хаёллар уни яна ўтмишга олиб кетди. У онасининг аччиқ устида қарғаб айтган сўзларини эсади. Бу аччиқ сўзлар унинг бошига тушиши тўғрисида қарғиш билан башорат қилинган эди: «Сен бизнинг хонадонимизга иснод келтирдинг!… Нодон қиз! Сенинг дастингдан қанча одам ўлиб кетди! Уларнинг ўлими гуноҳи сенинг бўйнингда… Сен юрган жойдан одамлар наф-ратланиб тупуришади… Сенинг туғилган кунингни улар лаънатлашади! Аёллар ичида сен лаънатисан! Сенинг исминг фоҳишалик рамзини англатгай! Токи мен тирик эканман, сенинг исминг тилимга олинмагай!» Ўшанда Бурсабонинг дод-фарёдига, ноласига қарамай, онаси тескари қараб чиқиб кетганда, Бурсабонинг юрагидаги ўткир санчиқ ҳозир яна такрорланди. Ўша мудҳиш кундан кейин Бурсабо онасини бир маротаба, у ҳам бўлса ўлим тўшагида ётганда кўрди. Онанинг харакат қилишга ёки гапиришга мадори йўқ, аҳволи жуда оғир эди. Бурсабо бир неча кун онасига қараб ўтирди. Жимгина Худодан онаси билан ўрталаридаги муносабат яхшиланиши учун ибодат қилди. Охир-оқибатда она деворга қараганча қизига бир оғиз сўз айтмай жон таслим қилди. Энди эса Бурсабонинг ўзи ўлим тўшагида ётиб бу дунёдаги ҳаёти тугашини кутар эди. Бу ҳодиса яқин орада содир бўлишига у умид қиларди. Ўғилларининг қилиши мумкин бўлган хатоларини кўрмаслик учун Бурсабо узоқ яшашни истамасди. Фарзандлари эса албатта ҳатоларга йўл қўйиб гуноҳга ботишлари муқаррар, чунки улар ҳам инсон-ку! Тўғри ҳаёт кечиришлари ва Худо олдида гуноҳ иш қилмасликлари мумкинми, уларнинг томирида Довуднинг қайноқ қони оқиб турган бўлса? «Сенинг исминг қайта тилга олинмайди!» Фақат Эгамиз гуноҳларни кечиришга қодир. Фақат Худо биз-дан нохақликларни йироқлаштира олади, шарқни ғарбдан узоқлаш-тиргани каби. Одамзод унутмайди. Одамзод ўзгаларнинг хатоларини санаб юради. Одамзод ҳукм қилади. Бурсабонинг ўлимидан кейин одамлар унинг гуноҳларини неча йиллар эслаб юришар экан? Ўша мудҳиш кун саройнинг айвонидан туриб бирор кимса Довуд кўрган нарсадан ортиғини — қачонлардир менда бўлган ҳиссиётни англармикан? Бурсабо юзидаги илиқ нафасни ва бўсани ҳис қилди. Мен кўряпман. Унинг юраги хурсандчиликдан уриб кетди. У кўзларини очди. Қачон шунчалик қоронғу тушибди? Ёнидаги ўриндиқда унинг чўриси ухларди. Хонада бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бурсабо ҳавода учиб юрган муаттар ҳидни сезиб ҳидлади. Бу ҳид унга Муқаддас чодир жамоатини эслатди, ажойиб ҳид, уни ҳидлаб баҳри дили очиларди. У бўшашди, яна хаёллар Бурсабони узоққа олиб кетди. Бу сафар тинч ва енгил, худди тоза ҳавода учиб юргандай эди. Эй Эгам! Одамлар менинг гуноҳларимни узоқ вақт эслаб юришларини биламан. Шундай йўл тутгинки, Сен мендай нолойиқ аёлга нималар қилганингни кўришсин. Мушкул аҳволдан туғилган ишонч-ни, майли, кўришсин. Агарда одамлар менинг қилган гуноҳларимни санашса, шундай қилгинки, улар Сен мени неча бор марҳаматлаганингни ҳам ҳисобини олиб чиқишсин. Сен менга паноҳ бердинг. Сен менга янгича ҳаёт инъом этдинг. Сен менга шундай ўғилларни ато қилдинг. Эй Эгам, шундай қилгинки, улар менинг исмимни тилга асло олишмасин, чунки мен ким бўлибманки, улар мени эслаб юришлари керак? Эй Эгам, Исроилнинг Худоси! Мабодо одамлар мени барибир эслашса, шундай қилгинки, Сен менга кўрсатган марҳаматингни куйлаб Сени улуғлашсин. Майли, улар Сен бераётган роҳат-фароғатни, ҳикматларингни ва Сенинг буюк севгингни кўришсин. Ва майли, улар… Бурсабо чуқур нафас олди. …руҳланишсин. МАРЯМ Гумонсирамайдиган Ҳаракатнинг вақти ва жойи — Сен қиз туғдинг, — доя кампир йиғлаётган чақалоқни кўтаргач. Ханна ўрнида ётарди, кўз ёриши оғир, узоқ вақт давом этгани учун анча ҳолдан тойган эди. Бу хабардан Ханнанинг юраги увушди. Доя кампир чақалоқнинг киндигини кесишини, болани тузли сувда чўмилтириб, чақалоқ шамоллаб қолмаслиги учун уни артишини Ханна кутмасдан, деворга ўгирилиб олди. — Мана, қизалоғинг, — деди кекса аёл чақалоқни онасига узатаётиб. Ханна меҳрибонлик билан муштдай болани қўлига олди. «Эрим бу хабарни эшитиб, кўнгли қолади-ёв» деб ўйлаб, йиғлаб юборди. Эри ўғил кўриш умидида ибодат қилиб, рўза тутаётган эди. Ханна қизчани ўпиб, доя кампирга узатди. — Қизимни отасига олиб боринг, у қизини дуо қилсин. Кекса аёл чиқиб кетгандан кейин, Оғриқдан Ханнанинг юзлари буришиб кетди, қиёфаси ўзгарди. У эрининг нима деяётганини эшитиш учун қулоқ солиб турди. Лекин фақат катта қизи Марямнинг ҳаяжонли овозини эшитди: — Отажон, майлими, мен уни кўтарсам? Оҳ, мунчаям чиройли-я! «Ханна менинг сўзларимни тушуниб олсин», деб Ёҳаким оҳиста гапирарди. Эри унинг ёнига кирганда, Ханна эрининг фикрларини уқиб олиши учун унга диққат билан қаради. Ёҳакимнинг нигоҳида таъна кўринмасди, бироқ у хафа эканини Ханна сезди. Хотинининг ёнига эгилиб, чақалоқни унга узатди. У хотинига ва ўзига тасалли бериши учун нима дейиши керак эди? Худо уларга ўғил беришни хоҳламади. — Мен чақалоқни яхши кўраман, — деди Марям. — Биз ҳаммамиз уни яхши кўрамиз, — деб Ёҳаким дарров жавоб берди. Бироқ, Ханна ҳаммасини тушуниб турарди. Ўғил бўлганда, у отаси билан бирга меҳнат қиларди. Ўғил синагогга бориб, Худога хизмат қиларди, отаси ундан фахрланган бўларди. Агар отасига бирон кор-ҳол бўлса, ўғил онасига ғамхўрлик қиларди. Ўғил улғайиб, Исроил золимларига қарши курашарди. Ёки интизорлик билан кутилган қутқарувчиси бўларди. Қиз-чи? Қиздан нима фойда?! Кундалик уй ишларидан бошқа нима ҳам қила оларди?! У фақатгина яна бир авлод — отаси унга тўғри келадиган эрни топгунча боқиш керак бўладиган авлоддир. — Мен унга Девора деб исм қўймоқчиман, — деди Ханна секингина бошини эгиб. Чақалоқ опасига қараганда нимжон кўринарди. Унинг юзи шунчалик беозор эдики, меҳрибонликдан онанинг юраги эзилиб кетди. — Биз унга Марям деб исм қўямиз, — деди Ёҳаким. — Ие, менинг исмим ҳам Марям-ку, — деб тўнғич қизи нигоҳини онасидан олиб отасига жавобан гапирди. Ёҳаким қўлини қизининг бошига қўйиб, юмшоққина гапирди: — Синглинг кичкина Марям бўлади. Ханна тўнғич қизига мурожаат қилди: — Жонгинам, хафа бўлма. Бор, айланиб кел, мен отанг билан гаплашиб олишим керак, — Ханна Ёҳаким билан ёлғиз қолгач, диққат билан эрига тикилди. — Сен бошқа исм ҳақида ўйлаб кўргинг келмаяптими? Девора — чиройли исм. Марям деган ном жуда кўп. Бу исм Исроилда кўп тарқалиб кетди. — Исроилдаги барча қизларнинг исми шундай бўлса, балки ўшанда Худо менинг фарёдимни эшитар? — Ёҳакимнинг овози титраб кетди. У қизариб кетган юзини хотинидан қочди. — Унинг исми — Марям. У шу сўзларни айтиб хонадан чиқиб кетди. У катта қизига: «Ўр-тоқларинг билан ўйнаб шовқин қилиб, онангни безовта қилманглар, у дам оляпти», деб буюрганини Ханна эшитди. Ханна чақалоқнинг юзига тикилиб қаради. — Марям, — деб пичирлади у. — Менинг кичкинагина қимматбаҳо Марямим. Унинг иккала қизи ҳам бир хил исмни, яъни «бахтсиз, аламли» маъносини англатувчи исмни кўтариб юришларидан Ханнанинг юраги эзиларди. Марям, деган исм, римликларнинг оғир юклари остида яшаётган ҳар бир яҳудийнинг чуқур қайғусини эслатиб турарди. Марям деган ном Худога айтилган қутқарув ноласи эди. Ханна ўриндиққа ўтириб, болани тиззасига қўйди. Чақалоқни йўргакдан ечиб, қўлларини силади, оёқларига тикилиб ўтирди. Ханна чақалоқнинг қўлларини ўпганда, унинг кўзларидан ёш оқди ва у қизининг кичкинагина бармоқларини астагина сиқди. Кичкина Марямнинг териси қуённинг юнгидан ҳам юмшоқ эди. — Эй Худойим, Эй, Парвардигор, илтимос, унинг номи «бахтсиз, аламли» деган маънодан бошқа маънони ҳам англатсин. Унинг номи «Худо томондан ато этилган куч» маъносини англатсин. «Худо — унинг юраги қалъаси» маъносини англата қолсин. Эй Эгам, — дея секин йиғлаб Ханна чақалоқни бағрига босди. — «Марям» деган ном қўрқувсиз итоат қилишимизни эслатиб турсин». Биринчи боб Марям юзини қўллари билан беркитганича, хантал дарах-ти тагида ёлғиз ўтирарди. Наҳотки ҳамма келинларда ҳам ожизлик, умидсизлик туйғулари ҳукмрон? У ҳам ҳозир шу туйғуларни сезяпти, чунки бошқалар унинг ўрнига ҳамма нарсани гаплашиб, ҳадялар алмашишган, Марямнинг келажагини ҳал қилиб бўлишган эди. Марямни бир нарса қўрқувга солар эди: у ўзи танимаган эркак билан бирга яшаши керак. Марямга фақат шу нарса маълум: Марямнинг отаси Юсуфни жуда ҳурмат қилади, отаси уч йил олдин Насрога келганда, Юсуф унга ёрдам берган экан. — Ханна, у бизнинг уруғимиздан, — синагогда Юсуф билан учрашгандан кейин хурсандчилик билан хабар қилди Ёҳаким. — У шоҳ Довуд авлодидан келиб чиққан. — У уйланганми? — деб сўради онаси Марямга қараб. Шу кунлари Юсуф Яҳудо авлодидан, Довуд наслидан бўлган ёш, диндор ва Худодан қўрқадиган аёлни қидираётганини Ёҳаким билиб қолди, қизининг келажагини йўлга солгани ҳаракат қилишга киришди. Марям ота-онасининг хоҳишини биларди. Катта опаси насроликка турмушга чиққан, ота-онаси ҳам, қизимизни ўзимизнинг авлодимиздан бўлган одамга турмушга берсак, деб умид қилишарди. Албатта, куёв тақводор, меҳрибон, хотинини ва у туғиб берадиган болаларни таъминлай оладиган бўлиши керак. Шунинг учун Ханна ва Ёҳаким Юсуфни тез-тез меҳмонга таклиф қилиб туришарди, Юсуф ҳам улардан миннатдор эди. — Нега у Байтлаҳмдан ўзига хотин топмади? — деб биринчи марта сўради Марям. — Нега сўраяпсан? — норозилик билан сўради Ханна. — Уни бизга — Насрога Худо юборганига ишонавер. Худо оддий дурадгор ёки соғлиғини йўқотган камбағал одамнинг ва унинг қизи келажаги ҳақида қайғураётганига отаси унчалик ишонмаётган эди ҳали. — Юсуф ҳам, оддий одамлар каби, ишга муҳтож, Сепфорис ривожланиб борар, дурадгорлар ва тош йўнувчилар Байтлаҳмдагига қараганда, у ерда кўп пул топишлари мумкин. Эркаклар тўйни гаплашиб олайлик, деб турганларида, Ёҳаким ва-фот этиб қолди. Марямнинг тақдирини ҳал қилиш Ханнага — онаси-га қолди. Онаси эса бу масалани чўзиб юришни асло истамасди. — Отанг тўйингни шошилтиргиси келмади, — деди у, — лекин вақт бизга душманлик қилиб қолиши мумкин. Сен биронтаси билан оила қуришга тайёрсан. Вазиятимизни ҳам ҳисобга олишимиз, вақтни йўқотмаслигимиз керак. Мен Юсуф билан гаплашдим, у сенга уйланишга рози. Энди ҳаммаси яхши бўлади, Марям. Ўзимиз ҳақимизда ўйлашимизга ҳожат ҳам қолмади. Ана, Марям хантал дарахти тагида ўтириб, юзини қўллари билан беркитиб олган. Нега энди у онаси билан ўзи учун пул топиши керак эмас?! Ахир, ким Худога умид қилса, Унинг ўзи улар ҳақида ғамхўрлик қилади. Марям Худонинг ваъдасига ишонади. У қачондир ниманидир орзу қилган бўлса, фақат Худога яқин бўлиш учун қилди. Унинг қалби Худога ташна. Ташналикдан силласи қуриган оҳу ҳовузга интилганидай, Марям ҳам худди шундай Худога интилади. Худо Мисрдан олиб чиққан одамлар қаторида ўзи ҳам бўлишни истайди. Биринчи бўлиб қонунни эшитиш, Худонинг мўъжизаларини кўриш, қоядан отилиб чиқаётган сув, осмондан ёғилаётган ун — нақадар буюк марҳамат! Баъзида Марям эркак киши бўлиб туғилмаганидан афсусланади. Ўшанда у Қумрон ғорига бориб, ҳаётини Худога бағишлаган бўларди. Балки у ўзининг туйғуларини англамаётгандир, чунки унга ҳаё-тий тажриба етишмайди ҳали. Худога бўлган кучли интилиш Марямни қийин аҳволга солиб қўяди. У қандай қилиб Худони бутун вужуди, кучи борича, бутун онги билан сева оларди, агар у турмушга чиқиши керак бўлса? У қандай қилиб ўзининг борлиғи билан Худога тегишли бўлиши мумкин, айни пайтда қандай қилиб яна эрига бўлган ҳурматини кўрсата олади? Шунга қарамай, Марям турмушнинг ижобий томонлари борлигини тан олади. Аёллар жуда нозик. У тез-тез от туёқларининг дупур-дупурини, Рим аскарлари уларнинг кичкинагина шаҳарчалари Насрога яқинлашиб келаётганларини эшитади. Римликлар шаҳар ҳовузларидан мешларини сувга тўлдираётганларини у бир неча марта кўрган. Кейин аскарлар ўзларига қарам халқдан керакли озиқ-овқатларни тортиб олишарди. Баъзида аскарлар қизларни ҳам тортиб олишар, уларнинг номусига тегиб, шаҳардан чиқиб кетаётганларида ташлаб кетишарди. Ожиза аёлнинг, айниқса, ёш аёлнинг ҳаёти чидаб бўлмайдиган даражада оғир эди. Онаси Марямга: «Яқинлашиб келаётган отларнинг дупур-дупурини ёки аскарларнинг бир хилдаги қадамларини эшитганингда, қочиб, беркиниб ол» деб ўргатарди. Қўрқув қўшинларнинг шовқин-суронини хаёлига келтириб, қизнинг юрагини эзарди. Дунёнинг, Исроилнинг Рим империясига тобелиги, яҳудийларга ҳамма балони олиб келди, лекин тинчликни эмас. Чунки Марямнинг халқи римликларнинг ҳукмронлигига қарши курашаётган эди. Бал-ки турмушга чиқиб, бу дунёга болалар келтиргандан кўра, эрсиз ўтган маъқулдир? Яҳудийлар бор кучлари билан эллинизм таъсирига қарши курашишарди. Уларнинг ғазаби жўш урар, қасд олишга ташналиги тобора кучайиб борар, қонли жангда ўлишга тайёр эдилар. Лекин шундай хиёнатчилар ҳам бор эдики, улар Иброҳим, Исоқ ва Ёқубнинг Худосидан юз ўгириб, ғолибларнинг урф-одатларини қабул қилишарди. Худо қани? Марям шуни билардики, Худо дунёни яратган пайтда қандай қудратли бўлса, ҳозир ҳам шундай. У яҳудийлар бугунги балоларга ва римликлар томонидан хўрликларга дучор бўлганлари ҳақида ўзига ўзи савол бериши тўғримикан? Марям ўз халқининг тарихини билади. У олдин: «Худо Ўзидан юз ўгирганларни жазолаб, Ўзига қайтаришга мажбур қилади», деб билар эди. Нега энди Исроил авлодлар оша итоатсизлик йўлида қолиши керак?! Бу қанча вақт давом этади, қачон Худо Қутқарувчини юборади? Анча вақтдан бери — Марям эсини танигандан буён халқ Худога, бизни римликларнинг зулмидан қутқар, деб ибодат қиларди. Қачондир Худо ер юзига Қутқарувчини юборади. Одам Ато билан Момо Ҳаво Худонинг марҳаматидан маҳрум бўлганларидан кейин, ўша Қутқарувчи ҳақиқатни вужудга келтирадиган ҳамма янги нарсаларни пайдо қилади. Масиҳ. Ҳар куни Марям Унинг келиши ҳақида ибодат қилар… ҳозиргидек хантал дарахти тагида ўтириб, ақли етмайдиган саволларни тушунишга ҳаракат қиларди. Марям Қутқарувчи учун ибодат қиларди, унинг юртида тинчлик йўқлигидан, юртининг келажаги бегона халқ томонидан ҳал қилинаётганидан ўзини қўярга жой топа олмасди. Эй Парвардигор, қачон бизга Қутқарувчини юборасан? Бизни олтин бутларга сиғинувчи, такаббурлик билан ўзларининг терс императорини Худо деб биладиган чет эл золимларидан қутқар! У ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат қилмаслиги керак. Марям Юсуфга турмушга чиқади. Бу масала ҳал қилинган. Марям онасини ҳурмат қилади, онасининг ҳар қандай хоҳишини бажаришга тайёр. Эй Худойим, Исроилнинг Худоси, атрофимда рўй бераётган ҳамма ҳодисага иззат-ҳурмат билан қарай олмайман. Наҳотки, мен фақат Сенга тегишли бўлишга интилишим билан хато қилаётган бўлсам?! Юсуфга яхши, итоатли хотин бўлишимга ёрдам бер, чунки Сен бунга Қодирсан. Менга, Ўзингнинг қулингга шу эркакни танлаган бўлишинг мумкин. Мени Ўзингнинг юрагингга тўғри келадиган хотин қил. Менда софдил юракни пайдо қил, солиҳлик руҳи вужудимни қамраб олсин. Бирдан Марям вужудида енгил титроқни сезди. У бошини кўтариб, қаршисидаги эркак кишини кўрдию, нафаси тиқилиб қолди. Қиз ҳайрон бўлиб эркакка қаради, юраги қўрқувдан оғир, шовқин-сурон билан ураётгандай туюлди: у ҳеч қачон бундай салобатли инсонни кўрмаган. Балки у қуёшдир, эркак кишининг орқасидан нур таратиб, унга шундай ваҳима билан кўринаётгандир. — Хурсанд бўлавер, эй марҳамат топган қиз! Худо сен билан! Марям қотиб қолди, тили калимага келмасди, аммо эшитганларини фаҳмлашга ҳаракат қилди. Кўзларини юмди, кейин яна очди. Ҳалиги эркак ҳамон Марямнинг қаршисида, хайрихоҳлик, сабр-тоқат билан унга тикилиб турарди. Унинг саломлашиши нимадан дарак берар экан? Ахир, Худо танланган барча халқни марҳамат топган деб аташ мумкин эмасми?! Нега манови эркак, Худо сен билан, деб айтди? Балки у Худодир? Марям ҳамон қўрқувда, бирдан у кўзларини юмиб олди. Ахир, ким Худога тик қараса, ўлади-ку! — Марям, қўрқма, сен Худодан марҳамат олдинг! Бу сўзлардан яна Марямнинг нафаси тиқилиб қолди. Унинг бирдан-бир умиди Худога маъқул келиш эди-да. Лекин Худо Ма-рямни Ўзининг маҳрамларига лойиқмаслигини биларди. Марям қизариб кетди. Марям Худони қанчалик севса, Юсуф ҳам Уни шундай севардики, бу турмуш қуриш истагига қаршилик кўрсатарди. Мана ҳозиргина мана шу нотаниш одам Марямнинг қалбини тўлқинлантирадиган бебаҳо сўзларни айтди! Ўша эркак Марямга эгилиброқ яқинлашиб келди. — Сен ҳомиладор бўласан, ўғил кўрасан ва унга Исо деб исм қўясан. Исо. Бу исм «Худонинг Нажоткори» маъносини англатади. Фаришта гапида давом этди: — У улуғвор, Худонинг Ўғли деб ном олади. Эгам Унга отаси Довуднинг тахтини беради. У Ёқуб хонадонида абадий ҳукмронлик қилади. Унинг ҳукмронлигининг охири бўлмайди! Марямнинг оғзи қуриқшаб қолди. Эшитган гаплари уни саросимага солиб қўйди. Нотаниш одам унга: «Сен Масиҳни туғасан», деб айтди-я! Марям бу сўзларни англаб етгани зоҳоти, аллақандай шубҳали овозларни эшитди. Сен-а? Нега Худо айнан сени, шундай ҳақир инсонни танлади? Масиҳ қандайдир насролик деҳқон аёлдан туғилмайди-ку! Қандай даҳшат! Сендай нолойиқ қиз, Масиҳни мен туғаман, деб хаёл қиляпсан-а! Бу ақлсиз одамнинг гапига қулоқ солма. Ундан юз ўгир! Унинг сўзларига ишонма! Кўзларингни юм! Оғзингни очма! Бироқ Марям бошқа, хотиржам ва таниш овозни эшитди. Сен қандай жавоб берасан? Марям ўрнидан туриб, фариштага қаради. — Буниси қандай бўлади? Ахир, мен бўлажак эримни ҳам танимайман. Фаришта мулойимлик билан кулди. — Муқаддас Руҳ билан Худо сенга куч, мадад беради. Шунинг учун туғилажак Муқаддас чақалоқ Худонинг Ўғли бўлади. Мана, сенинг қариндошинг Елизабета қариган чоғида ўғил кўрди! Халқ уни бепушт деб ҳисобларди, бу даврда эса унинг ҳомиласи олти ойлик бўлган эди. Чунки Худо учун мумкин бўлмаган ишнинг ўзи йўқ. Марям чуқур нафас олди, кейин кулиб, қўлларини кўксига босди. О! Елизабета қанчалик бола туғиш истагида эканлигини у биларди. Худо учун мумкин бўлмаган ишнинг ўзи йўқ! Сора қарилик чоғида Исоқни кўрганидек, Елизабета ҳам унга ўхшарди. Елизабета худди Ханнадай бўлади, чунки у ўзининг ўғлини Худога бағишлаганди. Фариштанинг сўзи Марямни илҳомлантирди, эътиқодини яна ҳам мустаҳкамлади. У қариндошининг олдига бориб, бу ғаройиботни ўз кўзи билан кўрмоқчи эди, лекин унинг қаршисида ҳамон фаришта турар, унинг жавобини кутарди. Агар Марям рози бўлса, у Масиҳнинг онаси бўлади. Ўша Масиҳни Исроил халқи орзиқиб кутаётган эди. Лекин Парвардигор нега Марямни танлагани унга тушунарсиз эди. У саводсиз, камбағал ва кўпчилик яҳудийлар марказдан узоқ жойда деб ҳисобловчи кичкинагина шаҳарчада яшарди. Бироқ синагогда раввинларнинг ваъзини тинглаб, шуни билиб олдики, Худо Ўзининг мақсадини рўёбга чиқариш учун кўпинча оддий, эътиборга лойиқ бўлмаган одамларни танлайди. У қанақалиги аҳамиятсиз. Худо Ўзининг ваъдаларини бажаради. Парвардигорнинг фариштаси ундан, Худонинг мақсадини амалга ошириш учун иштирок этасанми, деб сўрарди. Унинг юраги «ҳа» деб қичқирарди. Сен ростдан ҳам ўзингни Масиҳнинг онаси бўламан деб ҳисоблайсанми? Сенинг фикрингча, сен Худонинг Ўғлини, Исроилнинг Нажоткорини қандай қилиб бино қилишни биламан, деб ўйлайсанми? Яна тушунарсиз овозлар эшитилди. «Йўқ. Мен билмайман, — деб жавоб берарди унинг юраги, — лекин Худо билади». Марям хаёлини бир жойга йиғиб, бошини кўтарди. — Мен Худонинг қулиман, — деб қўлини олдинга чўзди. — У нима деб айтса, мен ҳаммасига розиман. Сенинг айтганларинг бажо бўлади. Марям гапини тугатиши биланоқ, фаришта кўздан ғойиб бўлди. Марям қўрқа-писа овоз чиқарди. Агар атрофда гувиллаган товуш пайдо бўлмаганда, у: «Бу воқеалар менинг кўзимга кўринди, шекилли», деб ўйлаши мумкин эди. У ҳаяжонланиб, қўлларини кўкрагига босди, лекин Худонинг фариштаси унга қўрқмаслигини буюрганини эслади. Марям нафас олиб, тиз чўкди, бошини кўтариб, қўлларини осмонга чўзди. Эй Худойим, Сенинг айтганинг бўлсин. Марям осмондан тушаётган булутларни кўрганда, этлари жимирлаб кетди. Булутларнинг сояси қизни қоплаб олди, Марям қўлини юраги устига қўйди. Кўзларини юмиб, баҳорий гулларнинг, ер ва осмоннинг ёқимли ҳидини туйди. Хаёлига келган туйғуларидан у енгил тортди, бир неча сония нафас чиқармай турди. Маълум бир муддат ичида атрофдаги ҳамма нарса қотиб қолди, ҳеч қандай овоз эшитилмас, худди бутун дунё ниманидир ўйлаган эди. Башорат рўёбга чиқади, Жалила шаҳарчасидаги оддийгина қиздан туғиладиган Худонинг Ўғли Довуд наслига бориб тақалади. * * * Юсуф ваҳима билан Марямга қаради. — Сенингча, мен бу воқеага ишонишим керакми? Юсуфнинг бахтли оила қуриш тўғрисидаги умидлари пучга чиқди. Марямдек ёш, ёқимли, тақводор қиз уни алдашини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ҳомиладор! Юсуф бу янгиликдан гангиб қолди. У кўзини юмиб, ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилар, хаёлини тамомила банд қилган ёмон хаёлларни енгишга уринарди. Уни фош қилиш керак! Бу ҳақда раввинга етказиш лозим! Уни тошбўрон қилиш керак! — Йўқ! — дея Юсуф бақириб, қўллари билан қулоқларини беркитди. Кўзларини очганда, Марямнинг онасини, хонанинг бурчагида букчайиб, йиғлаб ўтирган Ханнани кўрди. Фақат Марям хотиржам эди, холос. — Гапимга ишонинг, Юсуф. — Марям Юсуфга тикилди, Марямнинг нигоҳида беайблиги яққол кўриниб турарди. — Ишонинг менга! Биламан, сиз менинг гапимга ишонасиз! Қандай қилиб Марям хотиржам бўлиши мумкин?! Ахир, Юсуф битта сўзи билан ўлдириши мумкинлигини Марям билади-ку! — Ҳомиладор бўлиш учун фақат битта йўл бор. — Худо учун мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. — Масиҳни туғсин, деб Худо келиб-келиб сени танладими?! Марям унинг пичингли гапидан кулди, кейин хушчақчақлик билан деди: — Ахир, Худо заифларни танлаб, кучлиларни уятда қолдирмайдими?! О, Юсуф! — Марям ҳаяжондан қўлларини қисди. — Худо ҳақида ўйлагин. Худонинг танловини инсон тушуна олмайди. Одам ниманинг устидан ҳукмронлик қилса, Худо ўша нарса устидан ҳукмронлик қилмайди. — Мен бунга ишонмайман. Ишонмайман! Бу ақл бовар қилмайдиган гап! Энди Юсуф бу уйдан кетиши керак. У Марямни кўрганда, тўғри фикр юрита олмасди. — Юсуф! — Ханна ўрнидан туриб, унинг ортидан отилди. — Юсуф илтимос қиламан! — Ханна шу гапни гапириб бўлмаган ҳам эдики, Юсуф уйдан югуриб, эшикни ёпиб чиқиб кетди. Ханни яна Юсуфни ортида чақирди. — Юсуф! Юсуф бурчакка қараб югурди, кейин тор йўлакчадан шаҳар ташқарисига тез-тез юриб кетди. Одамлар уни бундай ҳолатда кўришларини, ундан: «Нима бўлди?» сўрашларини Юсуф истамасди. У ҳаммасини ўйлаб олиши керак! Насро ортда қолди, Юсуф бирдан йиғлаб юборди. У энди нима қилсин? Унга ёрдам берган, ўша шаҳарнинг қизини унутиши керакми? Марям бошқа эркакнинг боласини кўтариб юрганига эътибор бермаслиги мумкинми?! Марям қабиҳларча гуноҳ қилди! Агар Юсуф Марямга уйланадиган бўлса, одамлар уни қўлларини бигиз қилиб кўрсатишади. Унинг яхши номи Марямники каби ёмонга чиқади. Одамлар улар тўғрисида ҳали кўп ғийбат қиладилар. Хўш, бола ҳам туғилди, кейин-чи, кейин нима бўлади? Бола тўйдан олдин бўлганини ҳамма билади, боланинг ота-онаси ортидан секин, пичир-пичир қилиб гап қиладилар. Нега аёллар бунчалик заиф, нега уларни алдаш осон? Юсуф жаҳл билан ерни тепди. Ким ҳам бундай қилиши мумкин? Ким бокира, етим қизчани йўлдан урди экан? Нега Марям гуноҳларини яшириш учун бундай кулгили беъмани ёлғон гапларни ўйлаб топди? Юсуфнинг юзлари буришди. Фаришта келиб, Марям Худонинг Ўғлини туғади, деб айтибди! Қайси соғ одам бу гапга ишонади? Ёҳаким Юсуфга, Марямга уйланавер, деб таклиф қилган пайтда унда умид пайдо бўлди. Энди эса у боши берк кўчага кириб қолди. Агар Юсуф Марямнинг гуноҳларини фош қилса, унда ўзи Ёҳакимнинг қизини одамлар тошбўрон қилишларини кузатиб туришига тўғри келади. Марям билан бирга эса қорнида кўтариб юрган бола ҳам нобуд бўлади. Ҳа! Шундай қил! — деб хириллади ёвуз овоз. — У отасининг ва сенинг номингга доғ туширган бўлса, нега ўлмаслиги керак? Нега у сен итоат қиладиган қонунга хилоф иш қилсаю, жазосини олмаса? Ўлдир уни! Болани ҳам ўлдир! Юсуф қаҳрли хаёлларидан ўзи ҳам қўрқиб кетиб, бақириб юборди: — О Парвардигор, менга ёрдам бер! Мен нима қилишим керак? Нега Сен менга бундай кўргуликларни юбординг? Ахир, мен сенинг қонунингга биноан бутун умр тўғри йўл тутмаганмидим? Юсуф ерга ўтирди, сочларини чангаллади. Тишини тишига кўйди, оғриқдан кўзларидан ёш тирқираб чиқди. — Худойим, нима учун? Нима учун? Тушунтир менга! Қуёш ботди, лекин Юсуф бундан кейин қандай йўл тутиши кераклигини барибир ҳал қилолмади. Ҳолдан тойиб, ўрнидан турди, уйига қараб йўл олди. Шаҳар кўчалари бўшаб қолган, ҳеч ким уйига бундай кеч қайтмасди. Юсуф устахонасига кирди, иш жойига ўтирди. У ҳеч қачон ўзини бундай ёлғиз сезмаганди. — Парвардигор, қаердасан? Мен Сенинг маслаҳатингга зорман, қаердасан? Юсуф: «Раввиннинг олдига бориб, ундан маслаҳат олсаммикан», деб ўйлади. Лекин раввин бу гапни сир тутишига унчалик ишонмасди. У энди Марямни нима қилишини бир ёқли қилмагунча, кимдир унинг қилган гуноҳлари ҳақида билишини истамади. Юсуф кесган бўйинтуруғига ишлов бермоқчи бўлиб, асбобни олди. Балки иш билан чалғиб, тинчланиб қолар? У ким бўлибдики Марямни айблайдиган? Юсуф қонунга бўйсунарди, лекин у ўрнатилган диний маросимларни қалб амри бўйича қилмаётганини тушунарди. У синагогда кўп вақтини ўтказиб, улуш ва қурбонлик ҳақидаги қонунларни бажарарди, бироқ у қалбида римлик золимларга, сотқин раввинларга ва қонундаги оғир жойларга қарши курашарди. Бу зиддиятларни ҳал қилишига ким унга ёрдам беради? Юсуф ҳар гал аёллар устидан кулаётган римлик аскарларни, бева аёлларга, улуш бер, деб ваъз қилаётган раввинларни, қулига ҳақ тўлашдан бош тортган бойларни ёки бировнинг ёрдамига муҳтож бўлган камбағалларни кўрганда, ғазаб тўлқини унинг ичида яна ҳам жунбушга келарди. Юсуф умри давомида Қуддусдаги ибодатхонага сон-саноқсиз қўзичоқларни қур-бонлик қилганига қарамай, у барибир ўзини гуноҳлардан поклангандай ҳис қила олмасди. Қурбонликка келтирилган қўзичоқнинг қони унинг гуноҳларини ювардию лекин кейин барибир гуноҳ қилаверарди. Юсуф тўғри яшашни хоҳларди, лекин у омадсизликка учрайверарди. Юсуф тўшагига чўзилганича, қўллари билан кўзларини беркитди. У ҳали ҳам кайлиғига нисбатан қандай иш тутиши кераклигини ҳал қилолмади. Марямнинг қилган гуноҳлари учун унга бериладиган жазо ҳақида қонунда аниқ ёзиб қўйган, лекин Марямнинг ўлими муқаррарлиги ҳақидаги хаёллардан Юсуфнинг юраги ёришди. У кўзларини юмиб, эртага бир гап бўлар, деб ўйлади. Лекин Юсуф тушида ҳам қийналиб чиқди: у ғазабнок овозларни, қизнинг қаттиқ чинқириқларини эшитди. Юсуф қочиб кетишга ҳаракат қилардию лекин оёқлари қумга тиқилиб қоларди. У қумдан чиқиб олганда, атрофини зулмат эгаллаб олди. Биров нималардир деб ғўлдираётганини эшитди: «Қизни ўлдир. У қорнида кўтариб юрган болани ҳам ўлдир!» Шу пайт бирдан: — Эй Довуд ўғли Юсуф! — деган овоз эшитилди. Бу овозни у олдин ҳеч қачон эшитмаган, лекин шу пайт овозни таниб олган эди. Юсуф қаршисида ялтироқ оқ кийимдаги фариштани кўрди. — Марямга уйланишдан қўрқма, у сенинг хотининг, Ундан туғилажак бола Муқаддас Руҳдандир: Марям Ўғил туғади, Унга Исо деб исм қўясан, У Ўз халқини гуноҳларидан қутқаради. Юсуф фариштанинг ҳар бир сўзини ташналик билан эшитди, унинг қалби ҳаяжондан титраб кетди. У умри бўйи фақат Масиҳнинг келиши ҳақидаги гапларни эшитиб келди. Вақтлар ўтиб, яҳудийлар шоҳ Довудни — Исроилнинг душманлари устидан ғалаба қозонувчи шоҳни кутишганди. Энди марҳамат олган Масиҳ бутун ер юзида ҳукмронлик қилади. Ниҳоят, вақти келди — Худо Ўзининг Муқаддас Ёғ суртилганини юборяпти! Юсуф Уни кўради. Юсуф Масиҳнинг онаси ёнида туради, Худонинг Ўғлини худди ўзининг ўғлидай ҳимоя қилади. Сен оддий дурадгорсан, келиб-келиб уларни ҳимоя қилиш сен-га қолдими?! Заҳарханда кулгу таралди, Юсуф тушида йиғлаб юборди. Мен уларни ўлдираман! Сени ҳам, агар сен менинг йўлимда тўғаноқ бўлсанг, сени ҳам ўлдираман! Юсуф инграрди, чалқанча ётганича, кўзларини очди. Уни зулмат ўраб олди. Унинг юрагида қўрқув ҳукмрон бўлиб олди, лекин яна ўша овоз таралди: — У Ўз халқини гуноҳлардан озод қилади. Худди саҳрода қолиб кетган одам ташна бўлгандай, солиҳликка кучли истак Юсуфни қамраб олди. У бобоси Довуднинг сўзларини эслади: Эгамнинг режалари тоабад собит туради, Унинг ниятлари наслдан-наслга ўтиб боради. Эгам — Худойимдир деган халқ бахтлидир, Эгамиз Ўзиники қилиб танлаган халқ бахтлидир. Эгамиз самодан боқар, Инсон зотини У кўриб турар. Зулмат чекинди, Юсуф ойнадан юлдузларга боқди. У юлдузларга узоқ қараб ётди. Сўнг кулиб қўйди-да, яна ухлаб қолди. * * * Ханна хурсандчиликдан йиғлаб юборди. Юсуф ҳозироқ уйланишига қарор қилганидан Марям ҳайратга тушмагандай эди. Марям хонадан чиқиб, Юсуфга яқинлашди, уни қўлларидан ушлаб деди: — Мен қариндошим Элизабетани кўриб келай дегандим. Онаси қаршилик билдирди: — Нега сен у ёққа боришинг керак бўлиб қолди? Ахир, Элизабета тоғларда яшаса, жуда қийналиб қоласан-ку… — О, онажон, бунинг қийин жойи йўқ. Элизабета ҳам ҳомиладор. — Қандай бўларкин, қизим, дарров Юсуфга турмушга чиқиб, тоғли юртга кетсанг, одамлар нима деб ўйлайди? — Одамлар нима деса деяверсин, Худо менга боришни амр қилган. Элизабетанинг олдига бўладиган саёҳат бир нечта муаммоларни ҳал қилишини Юсуф тушунарди. Фаришта уларга: «Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор бўлган, аммо Насро шаҳри аҳолиси бу ҳақда билмасин», деб амр қилди. Агар бу воқеа ҳаммага маълум бўладиган бўлса, унда нима бўлади? Бола учун қандай хавф туғилади? Марямнинг ҳомиладорлиги ошкор бўлса, шаҳарда миш-мишлар тарқала бошлайди. Бироқ улар Элизабетанинг олдига борадиган бўлсалар… — Марям билан тўйимиз бўлиши биланоқ, Элизабетадан хабар олиб келамиз. — Унда миш-мишлар баттар тарқалиб кетади, — деб Ханна огоҳлантирди. Ҳа, албатта, одамлар ғийбат қилишни бошлайдилар. Лекин Марямга қараганда, кўпроқ Юсуфга таъна тошларини отадилар. * * * Марямнинг ҳомиладорлиги ошкор бўлди. Насродаги айрим одамлар Юсуф нега унга уйланишга шошиб қолганини тушундилар. Аёллар булоқ ёнида пичир-пичир қиладиган бўлиб қолди, эркаклар эса синагогда «эҳ, аттанг» деб бошларини чайқатарди. Одамлар Юсуфни дурадгор ва Байтлаҳм шаҳарчасидан келган мусофир эканидан бошқа у ҳақда ҳеч нарса билишмасди. Бахтиқаро Юсуф! У бошқа дурадгорга ишонарди, чунки у Юсуфнинг қариндоши, Довуд шажарасидан. Албатта, энди ҳаммаси аён бўлди. Юсуф эрлик ҳуқуқини қонундагидан кўра олдинроқ амалга оширди, ҳатто Ёҳаким қабрида тик турди. Айрим одамлар раввинларнинг олдига бориб, бу келин-куёвни жазолашни талаб қилишди, токи бошқа ёш йигит-қизлар Насрода бундай ҳатти-ҳаракатлар кечирилади, деб ўйлашмасин! Раввин: «Юсуф ўз ҳуқуқи бўйича шартномани қонунлаштирган, ҳадяларни ҳам алмаштириб, ҳужжатга қўл қўйиб бўлган», деб тушунтирди. Синагогнинг ярим қоронғу орқа қисмидан шундай овоз етиб келди. — Сен ўз сафингдан ёмонликни йўқ қилиб ташлай олмайсанми? Раввин Тавротни ўқишдан тўхтади. — Ким айтди бу гапни? — Ахир, Муқаддас Ёзувларда, Худо мағрурларни ва ёлғон тилни ёмон кўради, деб ёзилмаганми?! — бу ёқимсиз овоз ҳамма одамларга таниш эди. — Биз ўз сафимиздан ёвузликни йўқ қилиб ташлашимиз керак! — эркаклар атрофга аланглай бошладилар, ҳалиги овоз тобора кучайиб борарди, лекин айбловчи ҳамон қоронғу жойда турарди. — Бу дурадгор ким бўлибдики, қонунга хилоф иш қилишга ҳадди сиғса?! Ўзини фоҳишалардай тутаётган бу қиз ким ўзи? Бир эркак ўрнидан сапчиб турди, унинг юзлари ловуллаб ёнарди! — У ҳақ! Бошқалар ҳам унинг гпларига қўшилди. Кекса раввин тинчликни сақлаб, қўлларини кўтарди. — Қонун иккита гувоҳни талаб қилади. Агар бўлса, улар олдинроққа чиқсин. Ғовур-ғувур эркаклар орасида эшитилиб турди, лекин ҳеч ким жойидан жилиб олдинга чиқмади. Эркаклар бир-бирларига қарай бошлади. Раввин қалтираб, яна Тавротни очди. — Худо яна ғийбатчиларни, биродарлар ўртасида низо туғдирувчи ёлғончи гувоҳларни ҳам ёқтирмайди, — деди у секин, лекин унинг ҳар бир сўзини ҳамма аниқ эшитди. Айбловчи таслим бўлди. Шундан кейин тез орада римлик жангчилар император Августнинг буйруғини эълон қилишди. Юсуф билан Марям ҳақидаги миш-мишлар дарров тўхтади. Рим империяси аҳолини рўйхатга олишни эълон қилди. Халқ довдираб қолди. Рим «Худо»сининг бу қонуни қандай англашилмовчиликларга олиб келишини ўзи тушунармикан? Буйруқда шу қоида ҳам кўрсатилган эди: ҳар бир одам туғилган шаҳрига бориб, ўша ерда рўйхатдан ўтиши шарт эди. Иккинчи боб Юсуф кесарнинг буйруғини эшитиб, аввалига қўрқиб кет-ди. У хонтахта атрофида ўтирган икки аёлга қаради: улардан бири ёш, чиройли. Юсуф унга нигоҳ ташлаганда, юраги эзиларди. Бошқасининг ёши каттароқ, толиққанга ўхшайди. Охирги ҳафта ичида қизи ҳақида тарқалган даҳшатли миш-мишларни эшитиб, қаттиқ толиққан кўринади. — Биз Байтлаҳмга боришимиз керак, — деди Юсуф. У гап нимада эканини иккала аёлга тушунтирди. Марям онасига қаради, Ханна эса сукут сақлаганича бош чайқади. — Юсуф, яқин орада Марямнинг кўзи ёриши керак. — Биз қонунни бажаришимиз керак. — Кимнинг қонунини бажаришимиз керак? Ўзини худо деб бил-ган, бутларга сиғинадиган мажусий Рим императорини деб, қизимнинг ҳаётини хавф остига қўймоқчимисан? Юсуф эгилиб, Ханнанинг қўлларини ушлади. — Онажон, Муқаддас Ёзувда айтилган амрлар бажо бўляпти, — Масиҳ Байтлаҳмда туғилиши кераклигини Юсуф биларди. — Михо пайғамбар айтган: Эй, Эфрат ҳудудидаги Байтлаҳм, Сен Яҳудонинг митти шаҳри бўлсанг ҳам, Исроилни Мен учун бошқарадиган зот сендан чиқади. Унинг насаби қадимларга бориб тақалади». То ҳомиладор аёлнинг кўзи ёригунга қадар, Эгамиз Исроил халқин душманларга таслим этар. Бўлғуси ҳукмдор хеш-ақрабоси сургундан қайтар, Исроил халқи билан бирлашиб кетар. Эгамизнинг қудрати ила ул ҳукмдор сурувини боқади, Эгаси Худо улуғворлиги ила уларни бошқаради. Унинг довруғи бутун дунёга ёйилар, Шунда Исроил халқи хатарсиз яшар. Тинчлик ўрнатувчи ўша зот бўлар. Марям эрига қаради, унинг кўзлари чақнаб кетди. У ҳаяжон билан онаси томон ўгирилди. — Онажон, сиз биз билан боришингиз мумкин. Юринг, сиз Худонинг энг буюк куни қандай келганини кўрасиз. — Тўғри, — деди Юсуф Ханнанинг қўлини оҳиста силаб, — юринг биз билан! — Йўқ! — терс жавоб берди Ханна ва қўлини тортиб олди. — Менинг уйим шу ерда, Насрода. Марямнинг уйи ҳам шу ерда! — Ханна ўрнидан турди, дабдурустдан бошини кўтариб, Юсуфдан сўради: — Сен бундай саёҳатни қандай ақлингга сиғдира оласан?! Ахир, тез кунда Марямнинг кўзи ёрийди-ку! Юсуф Ханнанинг аҳволини тушуниб турарди. Ахир, у она! Суюкли қизи кўпайиши арафасида! Шундай пайтда қизи Байтлаҳмга боришини асло хоҳламайди! — Агар сиз бўлаётган мана шу воқеаларда Худонинг ваъдасини кўрмасангиз, ундай ҳолда бизнинг турмушимиз атрофида тарқалган миш-мишлардан қочиш чораси, деб қабул қилишингиз мумкин. Ханна куёвига қаради. — Сен бу гапинг билан ўзингни ўйлаяпсан! Менинг қизим хавф-хатар остида бўлсаю сен беғам, беташвиш бўлсанг. — Онажон! — деб гапни бўлди Марям. Онаси ялинганнамо ҳолда қизига қаради. — Марям, сен буни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсан! Сенинг эса, — деб қўшиб қўйди у Юсуфга қараб, — бу гапларингга ишонмайман! Марям менга муҳтож пайтида сен уни мендан олиб кетмоқчисан! Марям диққат билан Юсуфга қаради. Юсуф кўзларини ерга қадади, «Ханнанинг айтган сўзларида ҳеч бўлмаса, озгина ҳақиқат бормикан», деб ўзига ўзи савол берди. Юсуф кесарнинг буйруғига бундай жиддий қараб адашмаяптимикан? Чет эл императорининг ғалати хоҳищини бажараман, деб Марямнинг ҳаётини хавф остига қўймаяптимикан? Наҳотки у Байтлаҳм ҳақидаги башоратга эътибор бермай, саёҳатни қолдириши керак? Марям бошини қуйи солиб деди: — Мен эримнинг ортидан юришим керак. — Сен уйда қолиб, боланг туғилишини кутишинг керак! — Сиз Рутни унутдингизми? — Менга Рутни гапирма! — жаҳл билан гапирди онаси. — Бу илгари бўлган. Бундан ташқари, Худо ҳақида доим гапириб берадиган қайнонаси ҳақи-ҳурмати учун, ўзининг бутпараст ота-онасини ташлаб келган! — Онажон, сиздан илтимос қиламан, менга рухсат беринг, — деб мулойимлик билан гапирди Марям. — Йўқ! — Ханна қўллари билан юзини ёпиб, йиғлай бошлади. — Мен ўйлагандимки, қизим учун Худонинг Ёғ Суртилган Бандасини қорнида кўтариб юришдан бошқа бахт йўқ деб. Лекин сизлар юрагимни эзманглар. Аҳволинг яхши эканини, хавф-хатардан йироқ эканингни мен қаердан биламан? Марям онасининг қўлларини ушлаб, ўзининг юзларига босди. — Наҳотки Худо Ўз Ўғлини ҳимоя қилолмайди? Ахир, Худо қачондир марҳаматини кўрсатмаганми? Ханна қизини бағрига босди, Юсуф Ханнанинг кўзларида қайғуни кўрди. Юсуфнинг эшитишига қараганда, туғруқ жуда ҳам азоб билан ўтади, бу пайтда она ҳам, бола ҳам хавф остида бўладилар. Марямнинг кўзи ёриётган пайтда, ким доялик қилади? — Ханна, илтимос қиламан сиздан! Биз билан юринг, — деб Юсуф қайнонасига мурожаат қилди. Ханна бир неча лаҳза сукут сақлади, кейин «йўқ» дегандай бошини қимирлатди. — Юсуф, Ёҳаким шу ерда туғилган, мен ҳам. Мен шу ерда қолишим керак, сен эса Байтлаҳмга боравер. Балки қизим ҳам боришига ижозат берганим — Худонинг хоҳишидир. — Ханна мийиғида кулиб қўйди. — Ахир, Ёзувда, эркак ва аёл ўзларининг ота-оналарини қолдириб, бир жон бўлишлари керак, деб айтилган-ку! — Ханна Марямнинг бошини силади. — Жонгинам, сен ҳақсан. Сен эринг билан бирга кетишинг керак. Опанг билан поччанг мендан хабар олиб туришар. Марямнинг юзида табассум ўйнади, юзлари ёришиб кетди. — Албатта, сиз улар билан бирга Қуддусга Фисиҳ байрамига борасиз. Ўшанда биз яна учрашамиз. Ханнанинг кўзларида ёш ўйнади, лекин бошқа бирон сўз айтмади, ўзини кулишга мажбур қилди. Марям эрининг ёнига бориб, унинг қўлини ушлаганда, Ханна уларни ёлғиз қолдирди. — Юсуф, биз Байтлаҳмга борамиз. Биз у ерда рўйхатдан ўтамиз. Кейин Қуддус атрофида Худонинг паноҳида яшаймиз. Юсуф бу сўзларни эшитиб, хурсандчиликдан қалби титраб кетди, лекин ғамгин овоз уни босиб кетди. Ҳа, Байтлаҳмга бор, у ерда Бола менинг қулим Ҳироднинг бошпанасида таваллуд топади. * * * Юсуф ўйлана-ўйлана охири бир қарорга келди: бирор Миср карвонига пул тўлаб қўшилиб олиб, Насродан улар билан бирга кетгани маъқул. Модомики, Марямнинг кўзи ёрийдиган вақт яқинлашиб қолгани учун, Марям билан иложи борича тезроқ юртнинг жанубига етиб олиши керак эди. Агар улар тоғлардаги савдо-сотиқ йўли орқали, саёҳатчилар учун янада қулайроқ Ўрта ер денгизи водийси ёки Иордан текислиги орқали юришса, бу анчагина осон бўлади. Хорижликлар билан саёҳат қилиш Юсуфга ёқмасди. Лекин бирга кетишса, ҳар ҳолда Марямни ва ўзини қароқчилар ва шерлардан ҳимоя қилган бўлади. Улар Насродан кетаётганларида, Марям йиғлади, Юсуф эса унинг кўз ёшларидан ғамгин бўлиб, ҳеч нарса демади. Тез орада Жалиланинг тепаликлари ортда қолди. Шарқда эса Тавора тоғи юксалиб турарди. Ҳар бир дақиқа Юсуф ортидан эшакда келаётган хотинига қараб-қараб қўярди. Марям бошини пастга тушириб ке-тарди. Лекин бир соатлардан кейин Марям эгарни қаттиқроқ чангаллаб олаётганини Юсуф билиб қолди. Марям овозини чиқармас, бирон шикоят қилмасди. Фақат бир марта бошини кўтариб, эрига ғамгин нигоҳи ташлади: тоғ бўйлаб саёҳатдан чарчагани юзларидан аниқ кўриниб турарди. — О, Юсуф, келинг, пиёда юрай, — илтимос қилди Марям. Марям пиёда юришига Юсуф рухсат берди, аммо Марям баттар тез чарчаб қолди. Улар тунагани тўхташди. Марям ухлашдан олдин озгина тамадди қилиб олди. Шу кун давомида биринчи марта кулди, кейин ғужанак бўлиб олди ва қўллари билан қорнини беркитиб, шу заҳотиёқ ухлаб қолди. Юсуф унинг ёнида ўтириб, ибодат қилди. Қуёш ҳам ботди. Марям совуқдан қалтирай бошлаган эди, Юсуф унинг ёнига ётди, чопонини Марямнинг устига ташлаб қўйди. Эртаси куни улар Исроилнинг энг гўзал водийсидан ўтишди. — Қандай тоза ҳаво, Юсуф! — дея шодон ҳайқирди Марям улар ўрмондан ўтаётганларида. Юсуф, ям-яшил яйловда Марям бир оз дам олсин, деган ниятда эшакни четга тортди. Марям эрининг қулоғига нилуфар гулни таққанда, Юсуфнинг кўнгли бўшашиб, кўзига ёш олди. — Ерни ҳам Худо марҳаматлаяпти, Юсуф! — Марямнинг кўзлари чақнаб кетди, у мусаффо осмонга қўлларини чўзди. — Эй Парвардигор, бизнинг Худойимиз! Сенинг исминг билан замин улуғ! Сенинг шуҳратинг ҳамма нарсадан буюк! Юсуф хотинининг қўлларидан ушлаб, ўпиб қўйди. У Марямни жуда ҳам севарди! * * * Кейинги бир неча кун ичида Юсуф билан Марям тунаш учун анҳор атрофида тўхташди. Кейин машаққатли тоғ йўли бошланди. Саёҳатнинг еттинчи куни улар билан кетаётган карвон узоқлашиб кетаётганини Юсуф қовоғини солиб, кузатиб турарди. Чунки Юсуф Марям билан ҳозир турган жойларида қолиб, Худонинг дам олиш кунига амал қилишлари керак эди. Юсуф шуни аниқ билардики, эртасига улар карвонга етиб оладилар. Оғир юк ортилган ҳайвонлар фақатгина битта саёҳатга етадиган озиқ-овқат ва енгилгина аёл миниб олган кучли эшакларга қараганда, секин ҳаракат қиладилар. Барибир, Юсуф ваҳимага тушади. Марям нонни синдирди, бир бурдасини эрига узатди. — Худо бизни ўз паноҳида асрайди, Юсуф. Унинг кўзлари беозор боқар, худди каптарнинг кўзларига ўхшарди. Бироқ унинг эътиқодга бўлган кучини шернинг кучига тенглаштириш мумкин эди. Эртаси куни пешиндан кейин улар карвонга етиб олдилар. Жониворларнинг қадамларига мослашиш учун улар қадамларини секинлатиб бордилар. Улар филистлар томонидан шоҳ Шоул ва унинг ўғли Йўнатан ўлдирилган Гилбоя тоғининг ёнидан ўтиб кетишди. Улар Ёқубнинг ўғли Юсуф акалари томонидан Мисрга қулликка сотилган жойдан — Дўтандан ҳам ўтишди. Худо Мусо билан ёнаётган бута орасидан гаплашганига ва Мусони Ўзининг танланган халқини қулликдан озод қилиш учун Мисрга юборганига ҳам тўрт юз йилдан ошди. Итоатсиз одамларнинг фарзандлари орзу қилинган юртга кириб келгунларича, қирқ йил давомида саҳрода тентираб, дарбадар кезиб юрганлар. — Тез орада бу марҳаматланган юрт яна қайтадан ўзимизники бўлади, — деб айтди Марям қорнини силаб. — Худо адолатни тиклайди. * * * Марямнинг кўзи ёрийдиган вақт яқинлашиб борган сари, саёҳат унга тобора қийинлашиб борарди. Марям ҳар гал олдинга эгилиб, эшакнинг ёлига ёпишиб олганини кўрганда, Юсуфни қўрқув қам-раб оларди. Марям кам гапирарди, лекин унинг лаблари қимирлаётганини Юсуф кўрарди. Марям, тезроқ Байтлаҳмга бориб, бола туғилгунча у ерда бошпана топайлик, деб ибодат қиларди. Юсуф ҳам бу ҳақда ибодат қиларди. Карвон шаҳар девори ёнида тўхтади. Юсуф: «Савдогарлар тезроқ молларини сотиб, яна йўлга чиқсинлар», деб ибодат қиларди. Бу Самария шаҳри бўлиб, самарияликлар бу яҳудийни ва унинг ҳомиладор хотинини бемалол ўлдириб юборишлари мумкин. Сўнгра Юсуф ва Марям карвон билан бирга жанубга — суннатсиз мажусийлар яшайдиган бошқа бадавлат Шакам шаҳрига бордилар. Айни шу шаҳарда Ёқубнинг қудуғи борлигини тасаввур қилиш қийин эди! Улар Самариядан чиқиб кетаётганларида, Юсуф оёқларидан чангни қоқди. Карвон Шилў шаҳри яқинидан ўтди. Қачонлардир бу шаҳарда Аҳд сандиғи турган эди[13]. Энди эса бу харобалар ва бузилган қурбонгоҳлар ўрнида янги шаҳар тикланган. Юсуф билан Марям Байтилдаги синагогда ибодат қилиш учун карвондан четроққа кетишди. Айни шу ерда Иброҳим Худога қурбонлик келтирган. Ёқуб эса шу ердда осмонга элтувчи зинапоядан кўтарилиб тушаётган фаришталарни кўрган. Қуддус шаҳри ва ботаётган қуёш нурларида товланаётган улкан Маъбаднинг минораларини улар фақат Рамага кириб келганларидагина кўра олдилар. — Марям, яна бир кун чидагин, — деб илтимос қилди Юсуф. Уни хавотирга солган нарса шу эдики, Марям тез-тез чарчайдиган бўлиб қолди, кўриниши ҳам ёмон аҳволда эди. Марям билан Юсуф Қуддусга кирганларида, бу ерда ҳар доимгидек шовқин-сурон ҳукмрон эди. Уларни римлик аскарларнинг гуруҳлари кузатаётганда, Юсуф эшакнинг юришини секинлаштириш учун чилвирини тортди. Олдинда Марк Антоний шарафига қурилган қальа қад кўтариб турар, олтин қубба ва найзалардан иборат ибодатхона ҳам бор эди. Юсуф Марямнинг қўлларини ушлаб, ўпиб қўйди. — Мен, Худонинг йўллари очиқ эмас, Масиҳ Муқаддасларнинг муқаддаси Сионда туғилади, деб ўйлардим. Улар Байтлаҳмга қоронғу тушганда етиб келишди. Бу кичкина шаҳарда асосан чўпонлар яшар эди. Ҳозир эса Давул уруғидан келиб чиққан одамлар билан тўлган, чунки улар кесарнинг буйруғини бажариш учун бу ерга келган эдилар. Рўйхатга олиниш учун навбатни топиш қийин бўлмади. Юсуф ва Марямнинг навбатлари келди, улар ўзларининг исмлари ва оила аъзоларининг миқдорини айтгани навбатга туришди. — Юсуф, Яҳудо авлодидан, бу — хотиним Марям. Римлик Марямнинг ҳолатини сезиб, бошини кўтариб қаради. У туғилажак болани ҳам рўйхатга киритиб қўйиб деди: — Ортиқча солиқ зарар қилмайди. — Навбатдаги одам келсин! — шошқалоқлик билан бақирди у диққат-эътиборини уларга лойиқ топмай. — О, Юсуф, — қорнини қўллари билан ушлаб инқиллади Марям ва букчайиб қолди. — Мен ҳозир ўзимизга хона қидириб топаман. У хотинини қучоқлаб, суяб олди ва аста-секин юришига ёрдам берди. Ҳар бурчакда императорнинг қонунини танқид қилиб, худ-ди уларга ўхшаган саёҳатчилар йиғилиб олишган эди. Юсуф яна Марямни эшакка ўтказди, лекин жониворнинг ҳар бир қадами Марямнинг оғриқларини баттар кучайтираётганини Юсуф хотинининг кўзларидан уқиб оларди. У қатор қурилган уйлар олдида кўп марта тўхтади ва барча уй эгаларидан бир хил жавоб эшитди: — Жой йўқ! Кетаверинглар! — Юсуф! — Марям эшакнинг бўйнига осилиб олди, у қийналиб нафас оларди. — Оҳ, Юсуф! Юсуф ҳеч қачон Марямнинг кўзларида бундай ваҳимали қўрқувни кўрмаган эди. Бу аҳволдан Юсуф ўзин йўқотиб қўйди. Марям, йиқилиб тушмай, деб эшакнинг ёлини чангаллаб олди. Юсуф зудлик билан Марямни жониворнинг устидан олди, эҳтиёткорлик билан охирги меҳмонхона деворининг ёнига тушириб, эшикни тақиллатди. — Илтимос! — деб эшик очган эркакка гапирди. — Илтимос, балки сизнинг меҳмонхонангизда биз учун хона топилиб қолар? Хотинимнинг қўзи ёрияпти. Эркак киши Юсуфнинг ёнига қаради, Марямни кўриб, афтини буриштирди. — Бу ерда сизлар учун жой йўқ. Йўқолинглар бу ердан! — Раҳм қилинг! — эркак киши эшикни ёпишга улгурмасдан, Юсуф эшикни маҳкам ушлаб олди. — Илтимос! Сиздан илтимос қиламан! — Қанча ўтингинг келса, ўтинавер, — деб меҳмонхона эгаси мижғовланди, — лекин бу билан ҳеч нима ўзгармайди! — у яна Марямга қаради, энди унинг кўзларида шафқат туйғуси пайдо бўлди. — Сиздай одамларни йўлга чиқишга мажбур қилган — римлик ит! Ланъат унга! У Юсуфни итарди-да, эшикни ёпди. Орқасидан тарақлаган овоз эшитилди — хўжайин меҳмонхонасига бошқа бировни киритмаслик учун эшикни тамбалаб қўйган эди. Юсуф титраб, Марямга қаради. Марямнинг кўзлари олайиб кетган эди. — О… Марям қаттиқ изтироб чекар эди. У қорнини қўллари билан чангаллаб, оёғини олдинга узатди. Юсуф Марямга томон отилди, унинг қўлларини ушлади. — Ўзингни қўлга ол. Оҳ, Марям, ўзингни қўлга ол! Оғриқ аста-секин босилди, Марям эрига қаради. Эрининг нам кўзларида қўрқув кўринарди. — Биз қаерда бўлсак ҳам, У тез орада туғилади. Парвардигор, бизга ёрдам бер! Юсуф белини белбоғи билан боғлаб, Марямни қўлига кўтарди. Эй Эгам, биз қаерга боришимиз кераклигини менга кўрсат! — Марям, Худо бизга ёрдам беради, — деди у хотинини қўлида кўтариб турар экан. — У бизга албатта ёрдам беради! Юсуф қалбини қамраб олган шубҳа-гумонлар билан курашарди. Марям яна букчайиб инграй бошлади, юзлари тиришиб кетди. Шу пайтда Юсуфни яна қўрқув босди. У тушкунликка тушганича, ёрдам топиш умидида атрофга боқди. Шаҳар деворлари яқинида эски ёпинчиғига ўраниб олган кампир ўтирган эди. — Ҳов ана, сал пастроқда ғор бор, — эски ёпинчиқ ичидан озғин қўл кўриниб, суякли бармоқлар аллақандай пастликни кўрсатиб турарди. — Чўпонлар қишда шу ғорда подаларини сақлашади. Улар ҳозир подаларини тепаликка олиб чиқиб кетишган. — Худо сизни марҳаматласин! Юсуф қўлида Марямни кўтарганича, тепаликдан пастга тушиб, далани кесиб ўтди. Тез орада у ғорга кирадиган йўлни кўрдию ўша ёққа қараб юрди. У қоронғу ғорга кирганда, бурнига зах, тутун ва тезак ҳиди урди. Уларнинг орқаларидан эшак ҳам кирди. Эшак деворнинг орқа томонига ўтиб, жониворларга тайёрланган охур олдига борди. Марям яна букчайиб бақирди. Ғорнинг поли ифлослигидан, Юсуф уялиб қизариб кетди. Масиҳ туғилиши керак бўлган жой шуми? Унинг кўзлари ёшга тўлди. Эй Эгам, шу ердами? — У ҳозир туғилади, — деди Марям. — Вой, Юсуф! Исо яқинлашяпти! Кўзи ёриётган аёлга қандай ёрдам бериш кераклиги ҳақида у нимани ҳам биларди?! У биронта дояни қидириб топишга улгурармикан? Гарчи қидиришга вақти бўлмаса ҳам, у дояни қаердан топиши мумкин эди? У доя қидириб кетганда, Марямнинг ҳоли нима кечган бўларди? — Бир дақиқагина шу ерда тургин, — Юсуф Марямни тикка турғизди. — Мана буни ушлаб тур, мен эса ҳозир сенга жой тайёрлайман. У паншаха топди, девор атрофидаги оғилхонага сомонларни тўшади, кейин эшакнинг устидаги юклар орасидан ёпинчиқни олиб, сомоннинг устига ташлади. Шундан сўнг Юсуф Марям ётишига ёрдамлашди. — Мен ўт ёқиб, сув топгунимча, сен ётиб дам олиб тур. Юсуф ўт ёқиш учун тутантириқ ва ўтинларни ғорнинг кираверишидан топди, сувни эса — оғилхона ёнидаги сардобадан олди. У сувни ичиб кўрган эди, жуда мазали,тоза экан. Юсуф бунга ҳайрон қолди. Бир неча дақиқадан кейин ғорнинг ўртасида қазилган чуқурликда олов ёна бошлади. Кўп йиллик тутундан ғорнинг томи қорайиб кетган. Ерда эса совуқдан йиллаб сақланган минглаб буқаларнинг тезакларидан қий ҳосил бўлиб қолган эди. — Марям, кечир, — Юсуф Марямнинг ёнига чўккалаб ўтирди, юзидан ёш оқар, соқол ичида йўқолиб кетарди. — Сен учун яхши жой топа олмаганим учун мени кечир. Марям эрининг қўлини ушлаб, ёнига қўйди. — Бизни бу ерга Худо олиб келди. Юсуф Марямнинг оғриғи азобларини ўзининг танасидаги оғриқдай ҳис қилди. Ҳаётида биринчи бор у — оддий дурадгор бу саволларга жавоб топа олмаганидан афсусланиб кетди. У Худодан, донолик бер, ёрдам бер, Марямнинг кучли оғриғини тўхтат, эсон-омон кўзи ёриб, болани дунёга келтирсин, деб илтижо қилди. Марям секингина нафас оларди. Бир пайт Юсуф Марям ётган ёпинчиқда ҳўл доғлар пайдо бўлганини кўриб қолди. — Айт-чи, мен сенга қандай ёрдам беришим мумкин? — Ҳеч қандай, — дея Марям Юсуфнинг қўлларини ушлаб олган бармоқларини озгина бўшатгандай бўлди. Марям оғриқ устидан ғолиб келиб, эрига қараб кулиб қўйди. — Одам Ато билан Момо Ҳаво Адан боғини тарк этиб кетганларидан буён, аёллар шундай оғриқ азобини бошдан кечиряптилар-ку! У кўзларини юмди: биринчи тўлғоқдан кейин иккинчиси келди. Энди Марямнинг қўллари яна Юсуфнинг қўлини сиқа бошлади. Тўлғоқ тутган пайтда Марям, тез-тез, қийналиб нафас оларди. — Ойим менга туз солинган кичкина халтачани, тош пичоқни, ип ва игна берган эдилар. Улар бўғчанинг ичида. Уларни олиб беринг, — деди Марям эрига. Юсуф Марям айтган ҳамма нарсаларни олди. — Юсуф, энди менга сув керак бўлади. — Бочкада тоза сув бор экан. Ҳозир мен мешни тўлдириб келаман. — Анави нарсаларни менинг ёнимга қўйинг-да, ўзингиз ғордан чиқиб кетинг. — Лекин, Марям… Марям эндигина ўн тўрт ёшда, у ҳали қизалоқ. Буни қандай қилиб бир ўзи эплай олади? Марям яна буйруқнамо оҳангда қайтарди: — Юсуф, боринг! Мен нима қилишни биламан. Насродан кетишимиздан олдин онам менга ҳамма нарсаларни ўргатганлар. Албатта, Худо бизни ҳозиргача бошқариб келаётгандай, бундан кейин ҳам мени бошқаради, — у тишини тишига қўйиб, сал кўтарилди. — Боринг! Юсуф чиқиб кетди. Сукут сақлаб турар экан, у жуда ҳам ҳаяжонланарди, шунинг учун у ибодат қилишни тўхтатмасдан ғорнинг атрофида у ёқдан-бу ёққа юрарди. У Марямнинг инграшини эшитиб турар, агар Марям мени ёрдамга чақириб қолса, деб, диққат би-лан ғор ичкарисига қулоқ солиб, жойида қимирламай турди. Хашакнинг шитирлашига қулоқ солиб, қоронғу осмондаги ялтираётган нуқталарга қараб, қадам ташлашда давом этди. У атрофида қандай-дир кучлар тўпланиб, худди кўринмайдиган жонли нарсалар бўлаётган воқеларга гувоҳ бўлиш учун ғорнинг ёнига яқинлашаётгандай туюлди. Бу фаришталарнинг ёки шайтонларнинг кучи эдими — у буни билмасди. Юсуфнинг юраги тезлик билан урар, шу ҳолатда ғорнинг кириш жойида тўхтаб, Худодан ёрдам сўрай бошлади. Шамолнинг гувиллаши орасида Юсуф қандайдир хунук овоз аралаш кулгуни эшитгандай бўлди: Уларни мендан ҳимоя қила олишингга аниқ ишонасанми? Юсуф тиз чўкиб, қўлларини осмонга узатди, Ўз муқаддас тахтида ўтирган Худога ёлвориб илтижо қилди: — Эй Парвардигор, бизнинг Раббимиз! Ер ва осмоннинг Яратув-чиси. Марямни ва Ўзингнинг Ўғлингни нобуд қилмоқчи бўлганлардан ҳимоя қил! Юсуф ўзининг қадрли инсонларини уларга ёмонлик келтирувчи ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш мақсадида қўлларини кўтарди. Изғирин шамол тўхтаб, ҳаво яна илиқлашди. Юсуф қушларнинг учаётганини эшитди, энди унинг юраги секин-аста хотиржам бўла бошлади. У яна Муқаддас Ёзувдаги сўзни эслади: Қўрқма, Мен сен билан биргаман. Мен сен билан биргаман! * * * Марям чўнқайиб ўтириб, охирги марта қаттиқ чинқирди — Худонинг Ўғли сув ва қон ичида унинг қорнидан чиқди! Марям эгилиб Уни қўлларига олди, Чақалоқ ҳаётга келгани учун Худога шукр айтиб, қувонч кўз ёшлари билан кўкрагига босди. Кечки совуқ ҳавода чақалоқнинг йиғи овози таралди. Марям дарров Унинг киндигини кесишдан олдин, ип билан боғлади. Марям меҳр билан Болага тикилди, Чақалоқнинг бужмайган таначасини сув билан ювиб, ҳар хил микроблардан муҳофаза этиш учун Унинг терисини номакоб сув билан артди. Марям шу нарсадан ҳайрон қолган эдики, У ҳамма оддий болаларга ўхшарди. Марям Унинг Отаси ҳеч қандай машҳурликка имо-ишора қилганини, қудрат ато қилганини кўрмади. Қўлида ҳам ўнта, оёғида ҳам ўнта бармоқ, қалин сочлари қора, оёқчалари ва қўлчалари кичкинагина, юзлари бужмайган. Марям хурсанд бўлганидан кулиб, Ўғлини эҳтиёткорлик билан йўргаклади, Уни ўпиб, оҳиста бағрига босди. — Исо, — пичирлади у, — менинг бебаҳо Исом. Марям қувончга тўлиб-тошган эди. У қўлида Исроилнинг уми-дини, Худонинг Ёғ Суртилганини, Инсон Ўғлини, Худонинг Ўғли-ни кўтариб турарди. Марям кўзларини юмиб, секингина ибодат қилди. — Мен Унга яхши она бўлишимга ёрдам бер, Худойим. О Эгам, менга ёрдам бер. Марям онаси ўргатган ҳамма нарсаларни бажариб бўлгач, оёқлари қалтираб ўрнидан турди. — Юсуф, — секингина эрини чақирди, — бу ёққа келинг, Мана Бунга қаранг. Юсуф дарров ғорга кирди, унинг юзи оқариб кетган, юзларидан тер қуйилар эди, Марям эмас, гўё ўзи туғиш азобини тортгандай кўринарди. Марям хурсанд бўлиб, кулиб турар, Юсуф эса унинг қўлида ухлаб ётган Исога қаради. — У жудаям ёқимли, шундай эмасми? Марям ҳеч қачон, ҳеч қандай инсонга бундай севги туйғусини ҳали ўзида ҳис қилмаган эди. Хурсандчиликнинг чексизлигидан унинг юраги худди ёрилиб кетаётгандай туюларди. Юсуф яқинроқ келиб, Чақалоққа диққат билан қаради, унинг кўзларида ҳайрат пайдо бўлди. Дармонсизликдан эса Марям-нинг оёқлари қалтирар, Боласи учун юмшоқроқ, хавфсизроқ жой қидириб, атрофга назар ташларди. Лекин у фақатгина охурни кўрди, холос. — Юсуф, охурга озгина сомон ташлаб беринг, Бола совқотмасин. Юсуф жой тайёрлаб бўлди. Марям Болани ўпиб қўйди, Бола қачонлардир улғайиб, Исроилнинг ҳаёти Унга боғлиқ бўлишини тушуниб турарди. — Ҳаммаси тайёр, — деди Юсуф. Марям бориб, Исони охурга ётқизди. Орқасига ўгирилган эди, боши айланиб кетди. Юсуф Ма-рямни ушлаб қолди, тоза сомон тўшалган жойга ўтирғизди. Марямнинг қовоқлари осилиб кетган эди. — Азизим, мени кечир, — титроқ овоз билан Юсуф аста гапирди, — мендан бошқа бу ерда сенга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. У Марямнинг эгнидан кир кийимларини ечиб олиб, унинг танасини эҳтиёткорлик билан, худди ёш боланинг терисини артаётгандай артди. Марямнинг онаси тикиб берган юмшоқ, жун толасидан тўқилган кўйлакни кийгизди. Кейин ёпинчиқ билан ёпиб қўйди. Марям Исонинг нимжон танасини яхшилаб ўраб қўйди. Одатда, у иссиққина ётоқхонасида ётганда ёпинчиғининг четларини яхшилаб ичкарига тиқиб қўяр эди. Марям хўрсиниб, нафас олди. — Юсуф ҳаммаси яхши бўлди, тўғрими? У мулойимлик билан Марямни ўпиб қўйди. — Ҳа, жонгинам, ҳаммаси яхши. * * * Юсуф ўрнидан туриб, охурга яқинлашди. У болага қараган эди, юраги гупиллаб ура бошлади. Юсуф ёпинчиғининг чеккасини очиб, Ўз халқининг Қутқарувчиси юзини кўрмоқчи бўлди. — Исо, — пичирлади у. — Исо. Юсуф Чақалоқнинг жажжи юзига қўлини теккизди, секингина Унинг митти кафтларини ушлади. Чақалоқнинг териси майин, бахмал-га ўхшар эди. Кичкинтойнинг бармоқлари Юсуфнинг бармоғини қис-ди, Юсуфнинг юраги янада тез ура бошлади. У ҳеч қачон бундай чинакам хурсандчиликни, айни пайтда қўрқувни ҳам ҳис қилмаган эди. Худойим, мен Унинг заминий отаси бўлишим керакми? Оддий дурадгор-а? Сенинг Ўғлинг албатта, мендан кўра бошқа, яхши отага лойиқ! Юсуф чўпонлар ғорининг қоронғу деворларига боқди, кўзларида ёш пайдо бўлди. У хижолат бўлиб кетди, лекин у яна Болага қараб, қийинчилик билан ютинди. — Кечир мени, бу Чақалоқ ҳашаматли саройда туғилишга лойиқ. Кечир мени, — Юсуфнинг юзидан кўз ёшлари дурдай оқиб кетди. Миттивой кўзларини очиб, Юсуфга қаради. Хижолатпаазлик ҳисси секин-аста йўқола бошлади. Юсуфнинг қалби шодликка тўлди. Чақалоқнинг ёнига эгилиб, ўзининг бармоғини ушлаб олган миттигина қўлчасини ўпди. Худонинг хоҳишини бажариш истаги уни қамраб олди. Юсуф орқа тарафдан қандайдир қадам товушларини эшитди, охурнинг устини ёпиб, орқасига қаради. Ғорнинг кираверишида кекса чўпон, унинг орқасида ёш чўпон турарди. Улар ҳам ҳайрат, ҳам қизиқиш билан томоша қилиб турардилар. — Чақалоқ шу ердами? — кекса чол ғор ичига кирди. — Ўша Чақалоқ — фаришталар хабар қилган Чақалоқ қани? — Фаришталар дейсизми? Бу икки чўпон ортида яна бошқа чўпонлар, далада ўтлаб юрган қўйлар подаси ҳам турарди. — Худонинг фаришталари бизнинг олдимизга келишди, Худонинг сўзлари бизга ёғду сочди, — деди кекса чўпон бошқа чўпонлар ғорнинг киришига кираётганларида. — Биз жуда ҳам қўрқиб кетдик, лекин фаришта бизга «Қўрқманглар», деб айтди. Бошқаси давом эттирди: — У бизга айтдики: «Мен бошқаларга ҳам алоқадор бўлган буюк шодликни сизларга эълон қиляпман! Ҳозиргина Довуднинг шаҳрида Қутқарувчи дунёга келди!» Кекса чўпон нигоҳини Юсуфдан олиб, сомон устида ухлаб ётган Марямга қаратди. Кейин ғорнинг орқа деворидаги охурга қаради. Унинг кўзларидан ишонч барқ урди. — «Мана сизларга аломат: сизлар Чақалоқни йўргакланган ҳолда охурда ётганини кўрасизлар». Бирдан фаришталар билан бирга Худони чақираётган ва улуғлайдиган лак-лак самовий лашкар пайдо бўлди: «Буюк Худойи Таолога шон-шарафлар бўлсин, инсонларга марҳамат, ерга тинчлигу мурувват». Юсуфнинг кўзларидан шашқатор ёш оқди. У охур томонга ўгирилиб, Исони қўлига олди. — Унинг исми — Исо. Бу сўзлардан кейин чўпонлар тиз чўкдилар. Уларнинг юзларида ёнаётган аланга шулъаси таралди. Марям ҳам уйғониб кетди. У нотаниш одамларни кўриб, охур томонга юрди. Юсуф қўлида Исони кўтарганича, Марямнинг олдига келди, Марям ётган сомон устига чўккалаб ўтирди. — Марям, Худо Исонинг туғилиши ҳақида эълон қилибди. У Марямга чўпонлар уларни қандай қилиб топганларини айтиб берди. Марям меҳмонларга, хуш келибсизлар, деб яна жойига ётди. У табассум қилиб Юсуфдан Худонинг Ўғлини олди. Юсуф билан чўпонлар қарасалар, Марям ва Исо ухлаб қолибди. — Худо келди, — пичирлаб гапирди Юсуф. Кекса чўпон кўзини юмди, кўзларидан ёш соқолидан оқиб тушди. — Худонинг номи марҳаматлансин! * * * Марям Исонинг қаттиқ йиғисидан эрта уйғониб кетди. У охурда Исони эмизаётиб, Худо унга кўрсатган ажойиботига лол бўлиб қолди. Чақалоқ кўкрак эмаётганда, лабларининг ҳар бир ҳаракати Марямни ҳайратлантирар, уни яна ҳам қаттиқроқ Ўғлига боғларди. Тун сокин, жим-жит. Марям Чақалоқни бағрига босди. У ғорнинг кириши олдидан ўтаётганда, ёруғликни кўрди. Исо овқатланиб бўлгандан кейин, Марям астагина туриб, қайтадан Ўғлини охурдаги жойига ётқизди, бели оғриганидан юзларини бужмайтириб, сомон устида турган ёпинчиққа Уни ўраб қўйди. Марям шолрўмолини елкасига ташлаб, ғорнинг чиқиш жойига бориб, осмонга қаради. Тонг отяпти. Битта юлдуз бошқаларига қараганда кучлироқ нур таратаётгандай туюлди. Довудлар шаҳрини ёритиб турган чироқнинг нури, худди осмонни кесиб ўтаётгандай бўлди. Э, Йўэл пайғамбар, Қутқарувчи туғилгандан кейин, Худо осмон ва ерда ажойиботларни пайдо қилади, деб айтмаганмиди?! Марям бошига шолрўмолини ташлади. — Эй қодир Эгам, инсонларнинг Яратувчиси! Сен осмоннинг етиб бўлмайдиган баланадлигидасан! Сен Улуғ Худосан! Мен Сени севаман! — у қўлларини кўксига қўйди. — Мен Сенинг олдингда таъзим қиламан. Бутун дунёда Сенга тенг келадигани йўқ! — Марям кўзларини юмди, унинг юраги хотиржамлик, умидга тўлиб-тошди. — Сен мени Ўзингнинг Ўғлингга она қилиб танладинг. Сенинг Шоҳлигинг яқинлашмоқда. Шу орқали Сен осмондаги каби ерда ҳам ҳукмронлик қиласан, — у яна кўзларини юлдузларга тик-ди. — Худойим, Сенинг номинг, Ўғлинг Исонинг номи ҳам марҳаматлансин. Шамол эса бошлади, Марямнинг этлари жунжикди. У шолрўмолига ўраниб олди ва ҳавонинг совуқлигига қарамай, Худонинг фариштаси Худонинг Ўғли туғилишини унга эълон қилганини эслаганича, ғорнинг киришида турарди. У Юсуфнинг тушини тушунишга ҳаракат қилди, Юсуф қандай қилиб унинг қорнидаги ажойиб Чақалоқни қабул қилганини ўйлади. Рим императори Худонинг истагига беихтиёр итоат этиб, Юсуфни Байтлаҳмга юборди, Масиҳнинг туғилиши ҳақидаги башорат бажо бўлишига ўз-ўзидан мажбур бўлди. У Нажоткорнинг туғилишини фаришталардан эшитган чўпонлар ҳақида ҳам ўйлади. Марям бу воқеаларни ўйлаган сари, Худо қиладиган ишларини Ўзининг Ўғли томонидан бажо қилинишини тушуна олмаслигига Марямнинг ақли етиб турарди. Марям нигоҳини ўзини ўраб турган манзарага қаратди. Байтлаҳм устида қад кўтариб турган тоғда Ҳироднинг саройи бор. У ерда ўз салтанатини ҳимоя қилиб, ҳатто хотини Мириамни ва икки ўғлини ҳам ўлдиришдан қайтмаган шоҳ яшайди. Марям сесканиб кетди, баҳайбат саройдаги ялтироқ ойналарга қаради. Гўё улар тўғри Марямга қараб тургандай туюларди. Марям чарчаганини сезиб, ғор оғзидан кетди. Исонинг қорни очмагунча, у яхшилаб дам олиши керак. У эснаб Юсуф тайёрлаган ётоғи-га қайтди. Сомонларнинг шитирлаши Юсуфни уйғотиб юборди. У энди тураётган эди, Марям эрининг елкасига қўлини қўйиб тўхтатди. — Ҳаммаси жойида. Ухлайверинг. Юсуф хотинини ўзига тортиб, ёпинчиғини ёпиб қўйди. У Марямдан: «Исидингми?» деб сўради, уни бағрига қаттиқроқ босди. * * * Соқчилар Худо ғорининг деворларида Юсуфни, Марямни ва Исони душманлардан ҳимоя қилиб, соатлаб қўриқлаб туришди. Шайтон охири камтаргина даргоҳга кириш имкониятини топа олмай, жаҳли чиқиб узоқлашди. Менинг ҳукмронлигимга халақит бераётган Одамни ўлдиришнинг бошқа усулини қидириб топаман! Шайтоннинг малайлари ернинг бошқа четидан янги юлдузни — Шоҳни кўришга келаётган одамлар ҳақида эълон қилди. Мен уларни Ҳироднинг ҳузурига юбораман, ўшандан кейин ер юзида менинг истагим бажо бўлади. Ваҳимали қаҳқаҳа тунги ҳавода жаранглади, лекин бу пайтда Марям ва Юсуф ухлаб ётишарди. Фақат Исо уйғониб, буларни эшитди. Учинчи боб Марям Юсуф билан ибодатхонанинг эшигига яқинла-шар экан, Исони маҳкам бағрига босди. Улар Қуд-дусга, яҳудийларнинг қонунига биноан, ўғлига қурбонлик келтириш учун келдилар. Юсуф руҳонийга маъқул келадиган ғурракларни топмагунча, чодирдан-чодирга ўтиб юрди. Юсуф иккита кичкинагина қушчага қараб туриб, афсусланиб хўрсинди. — Агарда қўйларни сотиб олишга менинг ҳам пулим бўлганда эди… Марям Юсуфнинг чуқур афсусланганидан ҳаяжонланиб, унга кулиб қараб қўйди. — Айни шунга ўхшаш каптарлар Худо тўфонни тўхтатганлиги ҳақидаги янгиликни хабар қилишган. Юсуф хотиржам бўлиб, хотинини қучди. Зинапоядан кўтарилаётиб, улар Ҳирод томонидан тикланган ибодатхонанинг улкан иморатини ҳурмат билан томоша қилишарди. Жарчининг қаттиқ, ҳаммани ўзига жалб қиладиган овози Юсуф билан Марямнинг эътиборини айвонда қўйларнинг шоҳларини чалаётган руҳонийларга — юқорига қаратди. Марям бу асбобнинг товушидан титраб кетди. Унинг нафаси тиқилиб қолгудай бўлди. Одамлар тўдаси ибодатхонанинг эшигидан кириб-чиқишар, хона минглаб одамларнинг овозлари билан тўла. Қўйлар маърашар, бузоқлар бўкиришар, сигирлар ўкиришарди. Саррофларнинг бақир-чақирлари, тангаларнинг жаранглаши, одамларнинг бир-бири билан жанжаллашганлари, савдолашишлари ҳамма ёқни босиб кетган. — Менинг нарсаларимни сен ўғирлаётганингни Худо кўрмаяпти, деб ўйлайсанми? — кимдир жаҳлдан қизариб-бўзариб бақирди. — Агар ёқмаса, сенга кўп берадиганларни бориб қидир! — Худонинг ўзи бизнинг устимиздан ҳукм чиқарсин! Юсуф тезда Марямни оналар ва болалар йиғилган, бақир-чақир бўлаётган аёллар ҳовлисига олиб кирди. Исо билан Марямни ўша ерда қолдириб, Юсуфнинг ўзи руҳонийнинг олдига қурбонлик учун иккита каптарни бергани кетди. Фарзандларини кўтариб турган аёллар ичида бир мўйсафид ҳам бор эди. У ҳар бир боланинг олдида тўхтаб, уларнинг юзларига қараб, бахтли оналарни дуо қилар, кейин бошқасининг ёнига ўтарди. Бир аёл шу кекса мўйсафиднинг исмини айтиб, унга мурожаат қилаётганини Марям эшитиб қолди. Унинг исми Шимўн экан. Шу аёл билан бўлган қисқа суҳбатдан сўнг, кекса чол олдинга юрди. Марям чолнинг унга диққат билан қараганини сезиб турарди. — Бу бола ким? — деб титроқ овоз билан сўради мўйсафид. — Унинг исми — Исо, — Марям ғурурланиб, Ўғлини тепароқ кўтарди. Қария унга қараб завқланди, ёпинчиғининг бир четини очиб қўйди. Марям қўлида Масиҳни кўтариб турганини биров сездимикан? У бор-йўғи Насролик оддий аёл бўлса! — Исо, — деб астагина такрорлади Шимўн. — «Эгам — Нажоткор». Исроилда бу ном машҳур, ҳар бир тақводор аёл Ўз халқини гуноҳлардан Қутқарувчи — қорнидаги боласининг исми шундай бўлишини истайди. Марям муҳтарам мўйсафиднинг хира кўзларига қараган эди, Марямнинг юраги гупиллаб ура бошлади. Қариянинг кўзи ожиз эди, бироқ у Чақалоқнинг юзига диққат билан қарагандай кўринарди. Марям нимадир қўшиб қўйишга мажбурият сезди: — Унга бу исмни мен берганим йўқ. Унинг Ўзи шу ном билан туғилди. Мўйсафид бир оз қовоғини солиб, хаёлини бир жойга қўйиб, бу аёлнинг Ўғлига қаради. Мўйсафид, Болани яхшилаб кўрай, деб У томонга эгилди. Исо уйғониб, мўйсафидга қараган эди, Марям кулди. Кекса чолнинг юзлари ёришиб кетди. — Мен Уни бир кўтарсам майлими? — деб сўради ва қалтираётган қўлларини узатди. Марям бир муддат ўйланиб тургандан кейин Исони Шимўнга берди, сўнг диққат билан уни кузатиб турди. Мўйсафид тобора ҳаяжонлар, буни кўриб, Марям ҳам ўзида йўқ хурсанд бўларди. Исо керишиб, ўзининг миттигина қўлчалари билан чолнинг елкаларидан осилиб турган узун оқ сочни тутамлаб ушлаб олди. Шимўн ғайритабиий нафас олиб, ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Марям ҳаяжонланиб, қария Чақалоқни йиқитиб юбормасин, деб унга яқинлашди. Мўйсафид бошини кўтарган эди, Марям унга қараб донг қотиб қолди. У Шимўннинг юзидаги ўзгаришни дарров сезди. Кекса чолнинг кўзларини хиралаштириб турган парда йўқолган, хурсандчиликдан кўзлари чақнарди. Марямнинг юраги шиддат билар уриб кетди. Исо Шимўннинг сочларини қўйиб юборди, мўйсафид Унинг миттигина кафтини олиб, ўпди. — Эй Қодир Эгам! Энди Сен берган ваъдангга кўра, Ўз қулингга тинчлик билан ижозат беряпсан! Ўзинг менга айтганингдай, Сен барча халқларга нажот беришингга гувоҳ бўлдим. Бутпарастларга таълим беришда нур, Сенинг Исроил халқингга шон-шарафлар бўлсин! — Шимўн ҳам куларди, ҳам йиғларди, у Исони яхши кўрмаётгандай, Ундан кўзини узмасди. — Эй Раббим, Раббим… — Марям! — секингина чақирди Юсуф, кейин унинг ёнида тўхтади. — Ҳаммаси жойида, — деб жавоб берди Марям, юзидан оқаётган ёшларга эътибор бермасдан. Ахир, ибодатхонада яшовчи тақводор кекса чол унинг Ўғли Масиҳ эканини тан олди! Шимўн бошини кўтариб, Юсуф билан Марямга қаради. — Худонинг ўзи сизларни асрасин, бу Болани Худо Ўзининг йўлида олиб боришга ёрдам берсин. Исроилдаги кўп одамлар Ундан юз ўгиришади, Унинг ўлимига сабабчи бўлишади. Юз ўгиришади деган сўз Марямнинг юрагига найзадай санчилди. Исроилдаги одамларнинг қайси бири Масиҳдан юз ўгирар экан? Ахир, барча Исроил халқи интизорлик билан одамларнинг Худо билан ярашишларини кутмаганмиди?! Руҳонийлар ва оқсоқоллар албатта Уни хурсандчилик билан қабул қиладилар. Олийруҳонийнинг ўзи Уни кутиб олишга чиқади. Шимўн сўзларини тушунтириб ўтирмади. У яна Исога қаради. — Лекин бошқалар учун У энг катта бахт-саодат манбаи бўлади. Шимўн Исони Марямнинг қўлига берди. Кейин Шимўн қўлларини чўзиб, Марямга худди ўзининг қизидай қараб, унинг юзларини мулойимлик билан силади. Шимўннинг юзида яна қайғу, ғам аломат пайдо бўлди. — Кўпчилик қалбларда ният пайдо бўлади, умидлар уйғонади. Сенинг юрак-бағринг эзилади. Марям қўрққанидан: «Бу айтган гапларингиз нимани англатади? Тушунтириб беринг!» деб сўрамоқчи бўлди. Аммо Юсуф Марямнинг елкасига туртиб қўйди. — Марям, энди биз кетишимиз керак. Марям Юсуфнинг хоҳишига бўйсуниб, Шимўнга таъзим қилди-да, эрининг ортидан йўлга тушди. Марям йўлакчага кирди. Бу ерда одамлар четга қочиб, бир кампирга шоша-пиша йўл бўшатаётган эдилар. Кампир букчайган, бевалигидан дарак бериб турган қора кийим кийган, аёллар ҳовлисига шошиб кетаётган эди. Марям кимнингдир пичирлаб гапираётганини эшитиб қолди: — Бу Ханна, Асир авлодидан бўлган Натанилнинг қизи… Онамнинг айтишларича, у эри ўлгандан кейин ибодатхонага келганмиш… У ҳаётини Худога бағишлаб, кечаю кундуз рўза тутиб, ибодат қилар экан… Айтишларича, у башоратчи эмиш… Марям орқасига қараган эди, Шимўн йўлакчада туриб, нигоҳи билан Исони кузатаётганини кўрди. Марям руҳоний чолдан кўзини узди, кейин қараса, кекса кампир тўғри Юсуф билан унга томон келаётган экан. — У келди! — Ханна ғоят завқ-шавқ билан Исога қаради. У қўлларини узатиб, кўзини юмди, бошини кўтарган ҳолда хурсанд бўлиб гапирди: — Ишайнинг илдизидан новда чиқди. Энди унинг илдизидан шох ўсиб чиқади. Унда Худонинг донолик ва ақл-заковат руҳи, маслаҳат ва чидамлилик руҳи, ихтиёр ва диёнат руҳи бўлади. Ҳаммаси Худо-дан қўрқув билан бажарилади, У Ўз кўзи билан кўрган, қулоқлари би-лан эшитганлари ҳақида ҳукм қилмай, муаммони ечади. У камбағалларга тўғри йўл билан ҳукм чиқаради, ер юзидаги жабрдийдалар-ни ҳақиқат билан ҳукм қилади; Ўз оғзидаги аломатлар билан ерни лол қолдиради, руҳи билан гуноҳкорларни ўлдиради[14]. «Ҳа! — Марямнинг бақиргиси келди. — Менинг Ўғлим бизни боғлаб турган кишанларни синдиради. Римликлар бу юртга бошқа ҳукмронлик қилмайдилар. Менинг Ўғлим ҳукмронлик қилади. Менинг Ўғлим ҳақиқатни яратади». Юсуф Марямнинг қўлини ушлаб, ортидан эргаштирди. — Биз кетишимиз керак, Марям. Биз ҳозироқ бу ердан кетишимиз керак. — Лекин у кампир Худонинг кунини эълон қиляпти. — Ҳа, лекин Ҳироднинг айғоқчилари ҳамма жойда, ҳатто ибодатхонада ҳам бор. Марям эрининг огоҳлантиришини тушунди. Ҳирод икки ўғли ва хотинини ўзининг рақиблари сифатида ўлдирган эди. Масиҳ энди Ҳиродни таҳлика остида қолдираётганди: башоратларга қараганда, бир кун У заминий шоҳларнинг ҳукмронлигини ер билан яксон қилади. — Ҳа, тўғри, — Марям йиғилган оломон ичидан олиб чиққан Юсуфнинг орқасидан кетаётиб, унинг гапига қўшилди. У ўз Ўғлини катта бўлгунча, етарли даражада кучга тўлиб, қонун бўйича тегишли жойни эгалламагунча эҳтиёт қилиши керак. Юсуф ва Марям башоратчи аёлнинг Масиҳ келажаги ҳақидаги гапларини эшитмоқчи бўлган оломон ичида адашиб қолишди. Марямнинг юраги янада жунбушга келди: Худо Масиҳнинг туғилганини ибодатхонада эълон қилишини ўйлаган эди. Улар дарвозага етиб келганларида, Марям ибодатхона эшиги ёнида турган одамга кўзи тушди. Унинг кўзлари шунчалик совуқ эдики, гўё Марямнинг қалби қаърига назар ташлаётгандай туюларди. Марям ҳеч қачон одамнинг кўзларида бундай нафрат ва ғазабни кўрмаган эди. — Юсуф! — деб Марям хавотирланиб бақирди, эри дарров унинг елкасидан қаттиқ қучоқлаб олди. Марям Исони бағрига босди. Улар зинапоядан пастга туша бошладилар. — Нимани кўриб қолдинг? — сўради Юсуф. — Одамни, Юсуф, оддий одамни, — деб жавоб берди Марям ва ўзини босишга ҳаракат қилди. Кўзида ўлим уфуриб турган одамни кўрганди. * * * Юсуф: «Биз, яхшиси, Байтлаҳмда — Насродан, бизнинг шошилинч бўлган тўйимиз ҳақидаги миш-мишлардан йироқда бўлганимиз маъқул», деб ҳисоблади. Ибодатхонани зиёрат қилганларидан кейин тез орада Юсуф шаҳар чеккасидан бир уйча топди. Марям билан бу уйчада бемалол яшашлари мумкин эди. Бу уйда Юсуф ўзининг ҳунарини ишга солиши учун устахона очгани ҳам етарли жой бор эди. Улар ўзларининг камтаргина мол-мулклари билан бу уйга кўчиб ўтдилар. Юсуф, ёғоч ғўлалар топиб, ғамлаб қўяй, деб бир неч кунга кетди. Қайтиб келиши биланоқ, Қуддуснинг бозорларида сотиш учун ёғочдан уй-рўзғор буюмлари, лаганча ва пиёлалар ясади. Ҳар кун тонгда Марям Юсуф билан бирга рўзғорда ишлатиш учун керак бўладиган тоза сувни булоқдан олиб келгани боришарди. У Чақалоқни ёпинчиғига ўраб, бир учини елкасидан ўтказиб, иккинчи учига боғлаб оларди, шундай қилиб Бола Марямнинг олд тарафида бўларди. Марям уй ишлари билан машғул бўлганда ҳам Чақалоқ унинг ёнида бўларди: У Юсуф тайёрлаб берган беланчакда ухлар эди. Марям Ўғлини тез-тез Юсуфнинг устахонасига олиб кирар, эри ҳам Ўғлининг қандай улғаяётганини томоша қиларди. — У куляпти, Юсуф! Қаранг! Юсуф Марям билан бирга хурсанд бўлиб куларди. Исо олти ойлигида ўтиришни, етти ойлигида эмаклашни ўрганди. Тўққиз ойлигида эса У Юсуфнинг қўлини ушлаб, оёғида тикка турадиган бўлди. Чақалоқнинг кулишидан, Унинг қизиқувчанлигидан Юсуф ғоят хурсанд бўларди. Ўн бир ойлигида Бола онаси ортидан ҳамма жойда юрадиган бўлди, У бир ёшга тўлганда биринчи марта йиқилиб тушиб, тиззаси лат еди. Айрим ҳолларда Исо бошқа болалардан фарқ қилмайдигандай кўринарди, лекин Унинг нигоҳида донолик барқ уриб турар, Ўзи солиҳ бўлиб кўринарди. Шу сабабли Юсуф Уни ғоят азиз биларди. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун Юсуф Марям билан Исога Довуд давридан бошлаб ўз оиласида сақланиб келаётган қўлёзмалардан ўқиб берарди. Бир куни кечқурун Исо бир неча ўйинчоқларни Юсуф ясаган кичкина сандиқчага тўлдириб, бўйрада ўйнаб ўтирган эди. Юсуф Ўғлига қараб туриб, ўқишдан чалғиди, қалби хурсандчиликка, меҳрга тўлди. Бола сандиқчага иккита қўғирчоқни солди, зулфинини тортиб эшикни ёпгандан кейин, чапак чалиб юборди. Юсуф қўлёзмани тиззасига қўйди. — Марям, Исо кўп нарсани билади, сен ҳам бундан ҳайрон қолсанг керак-а? — Мен ҳар куни ҳайрон қоламан, — деб жавоб берди у Ўғлининг ўйнаётганини кузатиб турар экан. Юсуф хафа бўлиб кетгандай туюлди. — Нега Худо мендан кўра бошқа, ўқимишли одамни танламаган, Худойим Исога яхшироқ уйни ато қилган бўлармиди. — «Яхшироқ уй» остида сен «чиройлироқ уй»ни назарда тутяпсанми? — Албатта, Худонинг Ўғли чиройлироқ уйга сазовордир. — Ахир, Худо дунёда ақлдан озган, деб ҳисобланадиганларни танламайдими?! Улар ўзларини ақлли деб ўйлаганларни уялтиришлари керак эмасми?! Балки Масиҳ фақатгина чиройли уйда, Қуддус саройларида яшовчиларни эмас, ҳамма инсонларни қутқариши учун оддий деҳқон қиз ва дурадгорни Худо танлагандир. Кутилмаганда эшик тақиллаб қолди, улар ҳушёр тортдилар. — Бу пайтда ким бўлиши мумкин? Марям Исони қўлига олиб, маҳкам бағрига босди. Шу заҳоти Юсуф қўлёзмани девор ёнида турган чиройли қутичага солди ва эшикни очди. Марям эшик олдида нотаниш одамларнинг овозларини эшитди. Улар оромий тилида тутилиб гапиришарди. Юсуфнинг хушмуомалалик билан қилган таклифи ва меҳмонларнинг хурсандчиликдан ҳаяжонли овозлари Марямга ҳам етиб келди. Хотинига қараганда ҳам Юсуфнинг кўзлари ҳаяжондан чақнар эди. — Бу одамлар шарқдан келишибди. — Ким экан улар? — Юлдузларни ўрганадиган донишмандлар экан. Улар янги юлдуз ортидан юриб келишибди. Айтишларича, бу юлдуз Яҳудия Шоҳининг туғилишини эълон қилган эмиш. Улар Исога сажда қилгани келишибди. Марям олдинга бир қадам ташлади. — Юсуф, уларни уйга таклиф қилинг. — Улар мажусийлар, улар бизнинг уйимизни булғашади. — Улар қандай қилиб уйимизни булғашлари мумкин?! Ахир, Худонинг ўзи уларни бу ерга олиб келган-ку! Юсуф рози бўлиб, бошини қимирлатди. Эшикнинг олдига қайтиб, у эшикни катта очди. Мусофир кийимдаги эркаклар кичкинагина уйга киришди. Марям, меҳмонлар уйда ўзларини бемалол сезсин, деб ўзини четроққа олди. Тўртта эркак, яна уларга ҳамроҳ бўлиб келган хизматкорлар уйга кирдилар. Улар хурсанд бўлиб, меҳр билан Исога боқдилар. Биринчиси кетидан бошқалари тиз чўкиб, Исога ер ўпиб таъзим қилишди. Исо Марямнинг қўлида ўтирар экан, «Мени қўйиб юборинг, ерга тушаман», деб талаб қилаётгандай типирчилади. Марям Ўғлини ерга қўйди, Ўғлини ва нотаниш одамларни кузата бошлади. — Биз совғалар олиб келган эдик, — тутилиб гапирди улардан бири. Ўша одам хизматкорига қаради, хизматкорининг қўлидан чиройли сандиқчани олиб, уни очди. Сандиқча олтин тангаларга тўла эди, бу тангаларни кўриб, Марям лол бўлиб қолди. У бунчалик кўп тангаларни фақатгина ибодатхонада саррофларнинг хонтахталари устида кўрган эди. Юсуф умри бўйи ишлаганда ҳам, бунчалик пул топа олмас эди. Бошқа эркак Марямга чармдан тикилган қопчани узатди. — Хушбўй тутатқи. Учинчиси эса полга яна битта танга тўла садиқчани, тўртинчиси унинг оёқлари остига алебастрдан ясалган идишни қўйди. — Бу — мирра. Совғалар Марямни ҳайратга солиб қўйди. Донишмандлар олтинни унинг Ўғлига — бўлажак Шоҳни тақдирлашга, хушбўй тутатқини — ибодатхонада тутатиш учун, миррани эса Унинг танасига суртиш олиб келишган эди. Исо меҳмонлар олиб келган совғаларга эътибор бермай, Унга таъзим қилиш учун келган эркаклар орасида дўп-дўп этиб юрар, меҳмонларнинг юзларини, саллаларини ушлаб кўрар, кўзларига боқарди. У хизматкорларнинг ёнига келди. Хизматкорлар, Исо қўлларини бошимизга қўйсин, деган мақсадда, бошларини ергача теккизиб эгилишди. Исо уларнинг ораларида ўтириб олиб, Ўзининг кичкинагина сандиқчасини очди ва унинг ичидаги ҳамма ўйинчоқларни олди. Юсуф Уни кузатиб туриб, кулиб юборди. — Киринглар, марҳамат. Ўзларингизнинг уйингиздай ҳис қилинглар. Биз бой эмасмиз, лекин бизда нима бўлса, ҳаммаси сизларники. Юсуф шароб олиб келиб, нонни синдирди, донишмандларнинг Яҳудияга бўладиган узоқ саёҳатлари ҳақидаги хикояларини қизиқиш билан эшитиб ўтирди. Марям бўйрада ўтирар, ёнида Исо сандиқчаси ичидан ҳайвончаларини олиб, ўйнаб ўтирарди. Эркаклар нима ҳақда гаплашиб ўтирганларини Марям эшитаётган эди. Исо эснай бошлади. Марям Уни қўлига олди ва жойига ётқизди. Ўшандан кейингина суҳбат унинг Ўғлига таҳдид соладиган хавф-хатарлар тўғрисида давом этди. — Биз Ҳироднинг ҳузурига келганимизда, у биздан: «Туғилган Яҳудия Шоҳи қаерда?» деб сўради. Биз унга янги юлдуз ҳақида, янги туғилган Шоҳга таъзим қилиш учун шунча узоқ йўлни босиб ўтганлигимизни гапириб бердик. Бирдан Юсуфнинг ранги оқариб кетди. — Шоҳ Ҳирод сизларга нима деб жавоб берди? Ўтирган саёҳатчиларнинг кексароғи жиддий равишда деди: — У барча олий руҳонийларни, тафсирчиларни йиғиб, уларни сўроқ қила бошлади. Улар Ҳиродга Масиҳ Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳрида туғилишини айтдилар. Сизларнинг пайғамбарларингиздан бири айтган: «Сен, эй Яҳудия юртидаги Байтлаҳм, яҳудийларнинг саркардаларидан асло кам эмассан, чунки сендан Менинг халқим-ни — Исроилни қутқарадиган йўлбошчи келиб чиқади». — Биз саройдан чиқиб кетаётганимизда, Ҳироднинг хизматкорлари бизга етиб олишди, — дея бошқаси гапни давом эттирди. — Улар бизга, шоҳ сизлар билан юзма-юз гаплашмоқчи, деб астагина айтишди. — Шоҳ Ҳирод биздан: «Чақалоқ ҳақида ҳаммасини билиб келинглар, Худонинг Ўғлини топганингиздан кейин мен ҳам Унга таъзим қилгани бораман, менга хабар беринглар», деб айтди. Юсуф хавотирланаётганини Марям кўриб турарди. — Энди сизлар унинг ёнига қачон бормоқчисизлар? — деб сўради у сеҳргарлардан. — Юсуф, хавотирланма, — деди донишмандларнинг кексаси, — Ҳироднинг барча қилаётган ишлари халққа маълум, — у сал эгилиб, Юсуфга тикилиб қаради. — Худонинг фариштаси бизнинг ёнимизга келиб, саройга қайтиб бормаслигимиз ҳақида хабар қилди. Марям Юсуфга қаради, лекин Юсуфнинг диққати меҳмонларга қаратилган эди. — Одатда, биз кундузи ухлаймиз, кечқурун юлдуз ортидан юрамиз, — деб бошқаси айтди. — Ҳироднинг саройини тарк этганимиздан кейин Қуддус меҳмонхонасида жойлашдик. — Ҳаммамиз бир хил туш кўрдик. — Мутлақо бир хил туш! Донишмандларнинг кексаси биродарларига, жим бўлинглар, дегандай қўлини кўтарди. — Ҳироднинг олдига қайтиб бормасимиздан, ҳаммамиз уйга бошқа йўл билан боришимиз кераклиги тушимизда аён бўлган. — Ҳирод энди сизларни қидира бошлайди, — хавотирланиб гапирди Юсуф. — У фолбинларни, уларнинг хизматкорларини ҳам қидиради, лекин топа олмайди. Чунки биз ҳар тарафдан кетамиз: Бобилга, Оссурияга, Македонияга ва Эронга. Биз кетганимизни шоҳ тушуниб етгунча, яна бир неча кун сизларнинг вақтингиз бўлади. Ўшандан кейингина Ҳирод Болани қидира бошлайди. Марям қўрқувдан ваҳимага тушиб қолди. Юсуфга қараган эди, у ҳам хавотирланаётганини кўрди. — Вақт бўлди, — деди донишмандлар оқсоқоли. Ҳамма ўрнидан турди. У Юсуфнинг қўлини сиқди. — Худо сизларни ўз паноҳида асрасин. Улар чиқиб кетганларидан кейин, Юсуф эшикни ёпди. Марям қўрқувдан қалтираб, ўрнидан турди. — Юсуф, энди биз нима қилишимиз керак? — Кутамиз. — Сиз ўзингиз Ҳироднинг айғоқчилари ҳамма жойда, ҳатто, ибодатхонада ҳам бор деб айтган эдингиз-ку! Ахир, улар бу одамлар ортидан ҳам кузатиб юришгандир? Ундай ҳолда улар биз қаердалигимизни билиб олишган бўлса керак. Юсуф хотинининг ёнига келиб, унинг кўзига тик қаради. — Ким менга шунча пайтдан буён, Исо — Худонинг Ўғли, деб келган эди? Бироқ Марям ҳеч ҳам хотиржам бўла олмади. Улар қандай қилиб Исони ҳимоя қилишади?! Ахир, шоҳ Ҳироднинг ўзи Уни қидира бошлайди! — Марям, мен ҳам шундан хавотирдаман. Лекин Худо албатта Ўз Ўғлини ҳимоя қилади. — Биз Насрога қайтишимиз керак. — Йўқ. Биз шу ерда кутамиз. Улар икковлари ҳам Худонинг одамлар устидан ҳукмронлик қилиши ҳақидаги сўзларни эслатишга муҳтож эдилар. * * * Ўша кеча Юсуф Марямни бағрига босиб, унинг ёнида ётган пайтда, яна бир овоз эшитди. — Юсуф, — деб чақирди оппоқ кўйлак кийган фаришта. Худонинг улуғвор кўринишдаги фариштасидан Юсуф қўрқиб кетмади. — Лаббай, — деб у тушида жавоб берди. — Тур, Чақалоқни ва Унинг онасини олиб, Мисрга қоч! — деб буюрди фаришта. — Мен сенга, у ердан кет, демагунимча ўша ерда яшайсан. Чунки Ҳирод Чақалоқни қидириб топиб, Уни нобуд қилиши мумкин. Юсуф бехосдан уйғониб кетди, атроф қоронғу. Кўчада ҳеч қандай овоз эшитилмайди. У Марямни уйғотиб юбормаслик учун ўрнидан аста турди, сеҳргарларнинг совғаларини олиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қўлёзмалар билан бирга ҳаммасини сандиқчага солди. Кейин Юсуф кўчага чиқиб, уйнинг орқасидаги оғилхонасига борди. Эшаги шу ерда турар эди. Жониворнинг икки томонига қутиларни маҳкамлаб боғлади, камарни эшакнинг танаси устидан ўтказиб боғлади. Юсуф битта қутига қимматли ёзувларни, Исо учун олиб келинган совғалар солинган сандиқчани солди. Иккинчисига эса асбобларни, чарм фартук ва зайтун дарахти ғўлаларини солди. Кейин ўзлари учун бир ҳафтага етадиган озиқ-овқат — икки меш сув, бир қоп тўла дон олди. — Марям, — пичирлади у хотинининг пешонасидан ўпмоқчи бўлиб унинг ёнига эгилди. — Марям, тур! — Марям ўрнига ўтириб, ёш қизчалардай кўзини ишқалади. Юсуф унинг юзига тушиб турган қоп-қора, жингалак сочларини йиғиштириб қўйди. — Тушимда Худонинг фариштаси менинг ёнимга келди. Биз ҳозироқ Байтлаҳмдан кетишимиз керак экан. Марям эрига қаради, унинг кўзида ишонч туйғуси пайдо бўлди. — Биз Насрога қайтиб борамизми? — Йўқ, жонгинам, биз Мисрга борамиз. — Юсуф Марямнинг хавотирланиб, қўрқаётганини кўриб турарди. Бироқ унга тасалли беришга Юсуфнинг вақти йўқ эди. — Тур, тезроқ бўл! — деб уни шошилтирди Юсуф ва Марямнинг қўлидан ушлади. — Биз кетишимиз керак! Марям ўрнидан турди, Юсуф кўрпа-тўшакларни ўраб боғлади. — Исони кийинтириб, йўлга тайёрла! Юсуф кўрпаларни юкларнинг устига ёпди. Кўп ўтмай Марям билан Исо ҳам чиқишди. Исо тўшакчага яхшилаб ўралган, бамайлихотир ухлаб ётар, Марямнинг елкасидан ўтказиб боғлаб қўйилган эди. Бундай усул билан боғланган Болани йўл-йўлакай эмизиб кетиш ҳам осон бўлади. Улар йўлга тушдилар. Юсуф оиласи учун сотиб олган уйини, яхши даромад келтираётган ишини ташлаб кетаётгани учун афсусланмасликка ўзини тайёрлаб кетарди. У фақат Исони тезроқ, Ҳирод аскарларини Уни ўлдиргани юбормасдан олдин Байтлаҳмдан олиб чиқиб кетиш ҳақида ўйларди. — Худойим, саёҳатимиз учун менга куч бер, — пичирлади Юсуф. — Йўлда ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин, шу боис ҳаммасини енгиб ўтишимиз учун бизга жасорат ато қил! Улар Азотдан, Ашқалондан ва Ғазодан келаётган сайёҳ зиёратчилар тўдаси билан тўла қишлоқ йўлларидан кетишаётганда, қуёш ҳам кўтарилди. Исо уйғониб кетиб, йиғлади. — Унинг қорни очди, — деди Марям. Улар, ҳам дам олайлик, ҳам Боланинг қорнини тўйғазайлик, деб тўхтадилар. — Жонгинам, Юсуфни акалари исмоилий савдогарларига сотганларида, Юсуф шу йўлдан юрган. Биз ҳам шу йўлдан қачонлардир юрамиз, деб ўйлаб кўрганмисан ҳеч? Хотинига бўлган меҳрдан Юсуфнинг кўнгли ёришиб кетди. Марям эса кўп нарсалар ҳақида ўйларди. — Йўқ. Мен фақат сизларни Байтлаҳмдан қандай қилиб тезроқ олиб чиқиб кетсам экан, деб ўйлаяпман. Марям Исони тик турғизаётганини Юсуф кузатиб турарди. Болакай тезда сўқмоқ йўл орқали қизил кўкнор томонга пилдираб юриб кетганини кўриб, Марям кулди. Баъзида Юсуф бу Бола — Худонинг Ўғли эканлигини тасаввур қилиши қийин бўларди. Исо Ўзи тенгқур болалардан ҳеч қандай фарқ қилмасди: У ҳам Ўзини ўраб турган оламга худди шундай маҳлиё бўлиб қарар, ҳимоя ва раҳнамоликка муҳтож эди. Бироқ баъзида Унинг қарашлари ажабтовур бўлиб туюларди, У ниманидир ёдига туширгандай ўйланиб қоларди. Дарвоқе, У фақатгина инсонми? Ёки у донишмандлик тимсоли бўлиб, бир кун Ўзининг Кимлигини тушуниб етмагунча ўсиб, улғайиши керак бўлган инсонмиди? Ўша пайт етиб келса, унда нима бўлади? Юсуф ўз фарзандидай суйган бу кичкина Болакай Исроил халқи орзиқиб кутган жангчи Шоҳ бўладими? Ёки… Юсуфнинг вужуди музлаб кетди. Томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. Ёки Исо, Ишаё пайғамбар айтганидай, касаллик ва азоб-уқубатларнинг қули бўладими? Юсуф Исога қараб ўтириб, кўзларига ёш келди. Баъзида бошқа болаларга ўхшаб ўйнаб ўтирган бу Бола Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб Худоларининг Ўғли эканлигини эслаб қўярди. Энди эса Ҳирод — Яҳудиянинг энг кучли одами Уни ўлдирмоқчи бўляпти. Исо катта бўлганда, қандай зулм-зўравонликларга дуч келар экан? Ахир, Мусо ва Илёс пайғамбарлардан ташқари, қолган барча пайғамбарлар зўравонлик билан амалга оширилган ўлимдан ҳаётдан кўз юммаганмимидилар? — Исо! Бу ёққа кел! — деб Юсуф Болани чақирди. У Чақалоқни тутиб олиб, Уни қаттиқ қучиб олди. Юсуфнинг юраги Унга бўлган меҳр-туйғусидан қаттиқ сиқиларди. Кўз ёшларидан Юсуфнинг кўзи ачишиб кетди. Юсуф Исони ўпиб, ўзига тескари қаратди-да, елкасига ўтқазиб олди. Исо отасининг даҳанини қўли билан ушлаб олганда, Юсуфнинг юзи хурсандчиликдан ёришиб кетди. У Ўғлининг қўлларини олиб ўпди, кейин Унинг қўлларини иккала чаккасига ушлатди. Исо шодон кулди. Марямнинг кўзлари ҳаяжондан чақнаб кетди. — У гўёки барча дунёни қучиб олмоқчидай бўлиб кўриняпти. «Ҳа, — деб хаёлидан ўтказди Юсуф. — Лекин дунё Уни қабул қилармикан?» * * * Йигирма ой ҳам ўтиб кетди. Аммо бу ойлар шунча узоқ туюлдики… Юсуфнинг иши яхши кетаётганди, бироқ бутларга сиғинувчилар орасида яшаётганидан ўзини ноқулай сезарди. Юсуф ўз оиласини Қуддусга ҳеч бўлмаса икки йилда бир марта олиб боришини қонун талаб қилади. Ўша пайт ҳам яқинлашаётган эди. Муқаддас жойларни зиёрат қилишга мажбур қиладиган фақатгина қонун эмас эди. Юсуф аравакашнинг ва оромий тилида гапираётган одамларнинг овозини интиқлик билан кутарди. «Эй Худо, биз Мисрдан чиқишимизга ёрдам бергин», деб Юсуф ибодат қиларди. Ҳар куни кечқурун қуёш ботган пайтда Юсуф қимматбаҳо қўлёзмалар солинган сандиқчани очиб, Исони ёнига чақирарди. Болакай отасининг тиззасига келиб ўтирганда, Юсуф Тавротни ёки шоҳ Довуднинг Забурини ёки пайғамбар Ишаёнинг Китобини баланд овоз чиқариб ўқир эди. Кейин Болани қучоқлаб олиб, ибодат қиларди. Худонинг фариштаси Юсуфга кўринганда, у туш пайтидаги жазирама иссиқдан сояда дам олиб ётганди. — Ўрнингдан тур, Чақалоқни, Унинг онасини олиб, Исроил юртига бор. Чақалоқнинг жонига қасд қилганлар оламдан ўтиб кетди. Юсуф ўрнидан туриб ўтирди, ҳаяжондан юраги тез ура бошлади. — Марям! — деб чақирди у хотинини. Унинг овозида сабр-тоқатсизлик оҳанги сезилиб турарди. Юсуф сапчиб туриб, дарахтлар соясида ўтирган Марямнинг олдига борди. Бу пайтда Исо чўп билан ерга нималарнидир чизиб ўтирганини Марям кузатиб ўтирарди. — Марям! — Юсуф хотинини ўпди, унинг вужудини завқ-шавқ қамраб олди. — Биз уйга қайтамиз! Юсуф билан Марям яна рўзғор буюмлари орасидан ўзлари учун қимматлироқ бўлганларини олдилар. Худо уларни қаерга бошласа, ўша ерга юрдилар. Уйга қайтиб борадиган йўлни улар тез босиб ўтишди. Чунки улар ўзларининг юртларига боришга жудаям шошилаётган эдилар. Шунинг учун улар денгиз орқали юришди. Юсуф Марям ва Исони уларнинг катта бобоси Довуд яшаган юртга — Байтлаҳмга олиб бормоқчи эди. Улар яшаган шаҳарча Қуддусга, бунинг устига, ибодатхонага ҳам яқин эди. Тўғри-да, Худонинг Ўғли Отасига ибодат қиладиган жойга яқин бўлиши керакмасми?! У тоғ тепасида яшаши керак эмасми?! Бироқ улар Қуддус шаҳрининг жанубий дарвозасига яқинлашганларида, улардан йўл ҳақи талаб қилишди. Шу пайт Юсуф осилиб турган гербга қараб, ташвишга тушди. У қовоғини солиб, сўради: — Ким ҳозир Ҳироднинг ўрнида ҳукмронлик қиляпти? — деб сўради у. Римлик аскар унга қараб, масхараомуз кулиб, пишқирди: — Ҳой яҳудий, шу пайтгача қаерда эдинг? Албатта Ҳироднинг ўғли Архелайда. Бошқа ким ҳам бўларди?! Юсуфни ваҳима босди. Марям Исонинг қўлидан ушлаб, эрини кутиб турарди. Юсуф унинг ёнига келганда, Марям эрига диққат билан қаради. — Нима бўлди, Юсуф? Баъзида Юсуф хотинини бир оз ҳушёрроқ бўлишини истарди. — Ҳозир Қуддусни Архелай бошқаряпти экан. Бу гапни эшитиб Марямнинг ранги оқариб кетди. Чунки Марям ҳам, Юсуф ҳам Архелайнинг қонида Ҳироднинг қони оқаётганини яхши билишарди. У отасига ўхшаб ўтакетган золим бўлмасмикан? Марям Исони қўлига олди. — Биз Мисрга қайтишимиз керакми энди? Юсуф бир неча дақиқага ўйланиб қолди-да, жиловни қўлига олди. — Биз ортга қайтмаймиз, олдинга юрамиз. — Лекин Юсуф, Худонинг хоҳиш-иродасини билмагунимизча балки яхшилаб ўйлаб кўрармиз? Юсуф эшакни Қуддус томонга бурди. — Марям, қара, ҳеч нарса ўзгармабди. Худо Исроилга қайтишимизни бизга буюрди, У бизга бошқа гап айтмагунча, биз ўша ерга боришимиз керак. Юсуф Марямнинг хаёли ўзида эмас, шунинг учун унинг ҳаяжонланаётганини сезиши учун Юсуф бир марта қараши керак эди, холос. Ниҳоят, Марям ҳаммасини ўйлаб кўриб деди: — Худо бизни ҳозир ҳам, худди Байтлаҳмда ҳимоя қилгандай, ҳимоя қилади. Улар олдинга қараб юрганларидан кейин, уйга қайтиш хурсандчилиги хавф-хатарга алмашди. Худо Ҳирод туфайли уларга, Мисрга қочинглар, деб буюрганди. Архелей отасига нисбатан ўз тахти учун жилла бўлса ҳам камроқ рашк қилармикан? Улар Байтлаҳмга келганларида, Ханна билан Шимўн Исони қандай сўзлар билан ибодатхонада кутиб олганларини одамлар эслашармикан? Сеҳргарлар осмонда эълон қилинган Чақалоқнинг туғилганлиги ҳақида эшитиб, Уни кўриш учун юзлаб чақирим йўл босиб ўтганларини одамлар эслашармикан? Бундай воқеа ҳақидаги овоза тез тарқалади. Одатда одамлар эшитганларида етишмовчилик бўлмайди. Албатта, янги шоҳ ҳам бу ҳақда эшитади. Архелай ҳам отасига ўхшаб, унинг шоҳлигига хавф соладиган одамни, ҳатто Худонинг Ўғлини ҳам ўлдириш пайида бўлади. Эй Парвардигор Худойим, мен Сенинг Ўғлингнинг ва Унинг онасининг ҳаётларидан ташвиш тортяпман. Юсуф ибодат қилаётганида, ўзини хавотирга солаётган ҳамма нарса ҳақида гапирмади, чунки фариштанинг буйруғи аниқ эди. Исроил юртига бор. Шундай бўлса ҳам, босилган ҳар бир қадам сари Юсуфнинг хавотири орта борди. Эй Парвардигор Худойим! Мен қўрқяпман. Менга ёрдам бер, токи Сенинг иродангга бўйсунай. — Юсуф, биз ҳув анави ердаги дарахтлар соясида дам олсак бўладими? — деб сўради Марям. Юсуф хотинига қаради, унинг юзи тердан оқариб кетибди, ўзи ҳам жуда толиқиб кетибди — хотинининг бу ҳолати унинг на-заридан четда қолмади. Улар чегарани босиб ўтганларидан кейин, Марям Исони қўлига олди. Юсуф эшакни йўлдан олди, биз салқинда дам олгунимизча, жонивор ўтлаб олсин, деб жиловини ерга ташлади. Марям Исони ерга қўйди, енгил нафас олиб, ерга ўтирди. У кўзларини юмиб, чуқур нафас олди ва кулди. — Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос хушбўй ҳиди бор. Исо ўйнаб тургунча, Юсуф ибодат қиладиган чойшабига тугилган нарсаларини саралаб ўтирди. Худойим, Худойим… Марям эрининг ёнига ўтирди. — Юсуф, дам олсангиз бўларди. Юсуф ўзининг ўй-ташвишлари ҳақида унга айтмади. Ҳатто бирон кулфат бошига тушса ҳам, Марям ўзини бехавотир сезишини истарди. — Мен чарчаганим йўқ. Марям унинг қўлини ушлади. — Юсуф, озгинага бўлса ҳам кўзингизни юминг. Мен учун. Марям ўрнидан туриб Исонинг ёнига борди. Улар ортларига қайтиб, дарахтнинг тагига ётганларида, Юсуф ёнбошлади. Жазирама иссиқ Юсуфга худди оғир ёпинчиқдай бўлиб туюлди. У шунчалик чарчаган эдики, танаси худди ерга қапишиб кетаётгандай. Бирдан Юсуф таниш, сокин овозни эшитиб, юраги увишиб қолди. — Эй Довуд ўғли Юсуф, Байтлаҳмга қайтиб борма, чунки у ер Исо учун хатарли. Жалила чегараларига бор, имкон қадар Насрода қол. Юсуф уйғониб, ўтирди. Қуёшга қараб вақтни аниқлади, демак, бир неча соат дам олишибди. Исо ҳамон онасининг қўлида ухлаб ётар эди. — Марям, — деб секингина чақирди Юсуф. Аёл кўзини очди, уйқусираб Юсуфга қаради. Марям кўзлари қисилганича ўтирарди. — Эгам яна сиз билан гаплашганига ишончим комил, Юсуф. — Биз Насрога борамиз, ўша ерда яшаймиз. — Вой! — деди Марям хурсандчиликдан кўзлари чақнаб. Шу пайт Исо уйғониб қолди. Марям Уни қаттиқ бағрига босди. — Асалим, биз ўз уйимизга қайтяпмиз. Ҳа-ҳа, уйимизга! Сенинг бувинг ва бобонг, хола ва тоғанг, амма ва амакиларинг олдига борамиз. Уйга! * * * Юсуф билан Марям Насрога қайтиб келишганда, йўл бўйидаги кичкинагина шаҳарча ҳеч ўзгармаганлигига амин бўлишди. Лекин Марямнинг онаси яшаган уй бўм-бўш, ташландиқ ҳолган тушиб қолган, уйнинг орқа томонидаги боғни бегона ўтлар босиб кетган. Таъби хира бўлган эр-хотин Марямнинг онасиникига шошилишди. — Онанг аҳоли рўйхатга олингандан кейин бир йил ўтгач, вафот этди, — деди Марямнинг поччаси Клеоп улар салом-алик қилиб бўлишгач. — Биз сизларни бирор бир фалокатга учраган бўлсалар керак, деб ўйладик, — деди Марямнинг опаси. — Ҳирод нималар қилганини эшитганимиздан кейин, сизлар ҳалок бўлгансизлар, деган хулосага келган эдик. — Ҳалок бўлганмиз? Бу нима деганингиз? — деб сўради ҳайрон бўлган Марям. — Ҳирод нима қилибди? — хотинига яқинроқ келиб қизиқди Юсуф. — У Байтлаҳмдаги ҳамма чақалоқларни қириб ташлади, — деб жавоб берди Клеоп. — Ҳаммасини, икки ёшдан бошлаб янги туғилган чақалоқларгача. Барчасини! Ундан ташқари, болаларини ҳимоя қилмоқчи бўлган ҳамма ота-оналарни ҳам Ҳироднинг буйруғига биноан шоҳ аскарлари ўлдириб ташлади. Марям бўшашиб қолди. Эшитган гапларининг маъносини охиригача англаган она бор кучи билан яна ҳам қаттиқроқ Исони бағрига босди. Агарда Юсуф Парвардигорнинг сўзларига қулоқ солмаганда, демак, шоҳ аскарлари ўлдирган чақалоқлар билан бир-га Исо ҳам ўлган бўлар экан-да. Шунинг учун ярим кечада Юсуф Марямни уйғотиб, хотини билан боласини тезлик билан шаҳардан олиб кетган. Нималар содир бўлишини Юсуф билмаган. У фақат Худонинг «Мисрга кет!» деган буйруғини бажарди. Парвардигорнинг улкан марҳамати ила Исонинг ҳаёти қутқарилди. Ҳироднинг режалари эса барбод бўлди. Марямнинг юрагини қайғу босди. Худо унинг Ўғлини қутқарди, лекин Ҳироднинг буйруғига биноан қатл этилган бошқа бегуноҳ ва бахтсиз чақалоқлар-чи? Уларга аза тутаётган ота ва оналарининг аҳволи-чи? Дунёда қандай қилиб шундай ёвузлик ҳукм суриши мумкин? Марям Исонинг бошидан силар экан, кўзларидан аччиқ ёшлар оқарди. — Онажон! Марям Унинг бўйнидан қучоқлаб ўпди. Опаси Марямнинг ёнига яқинлашди. — Сизлар Насрога қайтмаганингиздан кейин, биз чақалоғингизга қўшиб сизларни ҳам ўлдиришган, деган хаёлга бордик, — йиғлаганича опаси Марям билан ва унинг ўғли Исони қучоқлади. — Худога шукур, сизлар тирик ва соғ-саломат экансизлар. — Онангиз сизларни ўлган деб ўйлардилар, шунга ишонардилар ҳам, — деди Клеоп. — Ўлганингизга ишонганларича ўзлари ҳам оламдан ўтиб кетдилар. Поччасининг гапларидаги кинояни англаган Марям бошини тик кўтариб, эри Юсуфни ҳимоя қилди. — Биз Мисрга қочиб у ерда кутиб туришимизни Худо Юсуфга айтди. Клеоп қовоқларини солиб Юсуфга қаради. — Худо сизларга Мисрга қочиб боринглар, дедими? Юсуф гапиришга оғиз жуфтладию, лекин ҳеч нима демади. Марям саросимада нигоҳини у эркакдан бу эркакка қаратди. Клеопнинг душманлиги яққол сезилиб турарди. Лекин Юсуф бирон нарсани тушунтиришга ҳам, ўзини ҳимоя қилишга ҳам уринмади. Ахир, унга Худонинг фариштаси зоҳир бўлиб, Марям Масиҳни дунёга келтиришига наҳотки Марямнинг қариндошлари ишонишмаса? Наҳотки улар турли мишмишларга ишониб, Юсуф Марямни йўлдан оздириб, халқни тошбўрон қилишидан қўрққанидан шундай беъмани сабабни ўйлаб топишган дейишса? Наҳотки эри-хотин Исони бағриларига босиб Насрога қайтишган бир пайтда, яна бундай гап-сўзлар тарқалса? Марям Исони қўлидан ушлаганича опаси томон бурилди. Бу аёл синглисини бошқалардан кўра, Юсуфдан ташқари, жуда яхши биларди. Шубҳасиз, у синглисига ишонади. — Исо Байтлаҳмда туғилгандан кейин, бизнинг олдимизга Уни кўриш учун чўпонлар келишди. Чўпонларнинг айтишича, тўсатдан Худонинг фаришталари уларнинг олдида пайдо бўлиб, илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирибди. Фаришталар чўпонларга: «Қўрқманглар, сизларга эл-юртни чексиз қувонтирадиган Хушхабар келтирдик», деб айтишган. «Бугун кечаси Довудлар шаҳрида Нажоткор Раббимиз Масиҳ туғилди». Фаришталар чўпонларга Масиҳ йўргакланганича охурда ётибди, деб айтишган. — Охурнинг ичида? — таажжубланиб сўради опаси. Воажабо, наҳот Марям шунча гапирсаю, опаси фақат шу гапни эслаб қолган бўлса? Наҳотки опаси башоратлар амалга ошганини кўрмаяпти? Клеоп тиржайди. — Ҳа, қўрада туғилган Масиҳ! Нима, бизни шунга ишонди, деб ўйладиларингми? Марям аранг кўз ёшларини тўхтатиб турарди. — Байтлаҳмдаги бизнинг уйимизга башоратчилар келишди. Улар-нинг айтишича, бу мунажжимлар Исо туғилганда, шарқда Унинг юлдузи пайдо бўлганини таъқидлашди. Улар кўп совға-саломлар келтиришди. Улар аввал Ҳироднинг олдига бориб, ундан Масиҳнинг қаерда туғилганлигини билмоқчи бўлишибди. — Марям… — деди опаси синглисининг овозини ўчириш мақсадида. Клеоп Юсуфга нафрат билан қаради. — Қандай қилиб хотинингни бу уйдирма гапларга ишонтирдинг? — Мен рост гапиряпман, — деди Марям. — Нега сизлар менга ишонмайсизлар? — Клеоп, бўлди қилинг! — деди опаси эрига. — Сиздан илтимос қиламан! — Хотин, фақат бу гапларга мен ҳам ишондим демагин! — Мен ўз синглимни яхши биламан, — деди Марямнинг опаси ва уни бағрига босди. — У ҳеч қачон ёлғон гапирмаган! — Мен ҳозир ҳам ёлғон гапирмаяпман! — деб бақирди Марям. — Исо — бу Масиҳ. Ҳа, У — Масиҳ! Клеоп бошини тебратди. — Хотин, синглинг ақлдан озибди! — Марям тўғри гапиряпти, — деди босиққина қилиб Юсуф. Бир дақиқа Клеоп кўзини узмай Юсуфга тикилиб турди, сўнг қовоғини солди. — Мени бунга ишонтирдингиз ҳам дейлик, хўш нима бўлибди? Энг муҳими — шаҳримиздаги бирон кимса бу гапларингизга ишонармикан. — Клеоп Исога қараб ишшайди. — Ўғлингиз тўйдан кейин жуда тез туғилди, бу шармандалик! Мана бу нодон қизча эса, мен Масиҳни туғдим, деб гердаяди. Оддий насроний деҳқон аёли Масиҳни дунёга келтирганмиш! Ўлай агар, ҳеч ким бу гапга ишонмайди! Эсанкираб қолган Марям ачиниш билан поччасига тикилиб турар эди. Юсуф эгилиб ўғлининг қўлидан ушлади. — Марям, юр кетдик, — деди Юсуф ва бир қўли билан хотинининг елкасидан қучоқлаб олди. — Кечир бизни, сингилжон, — деди Марямнинг опаси. — Улардан кечирим сўрама! — деб дўқ урди Клеоп жаҳл билан хотинига қарар экан. — Айб Юсуфда, у бизнинг наслимизга иснод келтирди. — Сиз адашяпсиз, — Марямнинг лаблари титраб кетди. — Юсуфда айб йўқ. Исо — Эгамизнинг Ёғ суртилганидир. Вақти келганда, сиз ҳақиқатни билиб оласиз! Бир кун келиб Марям ўчини олади. Қолганлар унинг Ўғлини тахтда кўришади, У ўзгаларни ҳаққоний ҳукм қилади. — У римликларни Қуддусдан қуваётган қўшинга бошчилик қилаётганини кўрганимда, ўшандагина У Масиҳ эканлигига мен ишонаман! Юсуф Марямни эшик томон итараётганини хотини сезди. У опаси ва поччасига бир нималарни уқтиришга интиларди. Марямнинг ичида нафрат қайнарди, лекин Юсуфнинг қарори қатъий эди. Улар тор кўчага чиқишди, Юсуф хотинини ҳимоя остига олгандай қўли билан елкасидан қучди. — Оҳ, Юсуф! Мен бундай бўлишини кутмаган эдим. Нега улар ҳақиқатдан кўра ёлғонни афзал кўришади? Бундай … сояда Исо, шубҳасиз, ўсмайди. — Марям, Худо бизни шу ерга бошлаб келди. Энди нима бўлишини мен билмайман. Худонинг марҳаматидан бахраманд бўлиб яшашимиз керак, жонгинам. — Ойижон! — деди Исо онасининг хафалигини ва кўз ёшларини кўриб. Юсуф Боланинг бошини силади, лекин Кичкинтой ҳалигача ҳавотирланиб онасига қараб турарди. Сўнг Исо нигоҳини онасидан отасига қаратди. Юсуф жилмайганича Унинг силлиқ, думалоқ юзига тушиб турган сочини орқага тараб қўйди. Эри Исони жуда яхши кўришини Марям биларди. Юсуфга Марямнинг раҳми келди. Чунки эрининг обрўси, худди Марямникидек поймол қилинган эди. Одамларнинг ўйлашича, Юсуф Марямни йўлдан урган. Парвардигор, Юсуфни марҳаматлагин! Уни марҳаматлагин, чунки Юсуф мен ва Сенинг Ўғлинг туфайли жафо чекяпти. Ҳамма одам ҳам ўз обрўсига, Худонинг инояти билан путур етганига чидай олармикан? Парвардигор шундай буйруқ беряпти деб, ҳамма одам ҳам ўз уй-жойини, ишини қолдириб ўзга юртларга кетишга қодирми? Ҳамма ҳам иккинчи бор топган-тўплаганини ташлаб бошқа шаҳарга борармиди? Унинг устига ўша шаҳарда одамлар у тўғрида турли ғийбатлар, миш-мишлар тарқатишган: гўёки у ёш қизчани йўлдан оздириб ҳомиладор қилиб қўйган, яна қаердадир бўлмагур фаришталар ва бўлажак Масиҳ тўғрисидаги уйдирмалар билан бечора қизнинг бошини айлантириб юрганмиш. Кундан-кун Марям ўзига Худо ато этган эрни кўпроқ, янада кучлироқ севиб борарди. Юсуф қизга биринчи учрашувдаёқ ёқиб қолган эди. Ўзларининг бошига тушаётган ҳар бир синовдан Марямнинг Юсуфга нисбатан ҳурмати тобора ортиб борарди. Турмушга чиққан вақти билан солиштирилганда, аёл эрини яна ҳам қаттиқроқ севарди. Эй, Парвардигор! Сен мени доим дуо қилиб марҳаматлаяпсан. Юсуф Исони ерга қўйди, Марям бўлса Ўғлининг қўлидан ушлади. Тор кўчадан пастга қараб тушишаётганда, Исо бир қўлини Юсуфга узатди. Юсуф Унинг қўлидан ушлаб олди. Марям хурсандликдан эрига жилмайди, елкасидан оғир юк тушганини ҳис этди. — Юсуф, бир кун келиб Исо куч ва ғайратга тўлганини улар кўришади. Ана ўшанда улар адашганларини, бизнинг ҳақлигимизни тушунишади. Марям кўз ёшларини артиб бошини баланд кўтарди. Улар сукут ичида йўлда давом этдилар. * * * Юсуф ташлаб кетган кичкина уй шунча вақт ўтса ҳам ўзгармабди. Юсуф ўзи учун дурадгорлик устахонасини очди. У ерда Юсуф хомут, омоч ва нарвонлар ясаб ўз оиласини боқарди. Байтлаҳмда иш бўлмаганда, Юсуф эрталаб азонда туриб улардан унча узоқ бўлмаган Сепфорис шаҳрига жўнарди. Шаҳарда воситачилар орқали шаҳар бойваччаларига эшик, панжара ва уй жиҳозлари тайёрлашга буюртмалар оларди. Ҳаёт ўз маромида кечарди: ҳар куни оила тебратиш учун кўп ишлашга тўғри келарди. Ҳар куни Марям билан Юсуф эрта туриб бирга юз-қўлларини ювишарди. Марям Парвардигорга ибодат қилиб, Ундан хонадонини марҳаматлашини сўрарди. Унга шукроналар айтарди. Сўнг Юсуф ишга ёки Сепфорисга кетмасдан олдин унинг эшагига Марям ем бериб суғорарди. Сўнг ичиш учун Исо билан катта қудуқдан сув олиб келишга жўнашарди. Марям далада ҳам ишларди ёки жўяк олиб гуллар экарди. У шамчироқлар учун ёғ сиқиб чиқарар, турли зираворлар тайёрлар, уйдаги ўчоқ учун ўтин терар, кир ювар, тўқув асбобида ишлар, ип йигирар, овқат пиширар ва қуёшда похол тўшакларни қуритар эди. Марям Исони деб фаришталар ёнига келганини ва У она қорнида қандай пайдо бўлганини, мунажжимлар келиб кўп совға-салом келтиришганини, бу совғалар ҳомий хисобланган Юсуфда эканлигини эсламас эди. Худо Юсуф билан тўрт маротаба гаплашганлиги тўғрисида ҳам ҳеч нима демасди. Ажойиб кунлар келиб, Исо Ўз куч-қудратини намоён қилганда, Ўз ният-мақсадини зоҳир қилганда, халқ бу дунёга Унинг қандай қилиб келганини эшитади. Бу ажойиботлар тўғрисида ҳозирча Марям ҳеч нима демайди. Бетавфиқ одамлар Уни тахқирлашларига, Илоҳий Зотни, Худонинг Ўғли устидан кулишларига Марям йўл қўймайди. Баъзида одатдаги ҳаёт Марямни таажжубга соларди. Исонинг кўпгина қилиқлари бошқа қолган болаларники билан бирдай бўлиб кўринарди. Ўрнидан туриб юришдан олдин У ҳам тўрт оёқлаб эмаклаган эди. Тиниқ, тўла-тўкис гапиришдан олдин У болаларча бижирлаганди. У жуда қизиқувчан бўлди. Кўрган ёки қўли етган нарсаларни албатта ушлаб, тишлаб кўрарди. Ҳамма оналар ўз болаларини мақташарди. Лекин ҳеч бир бола унинг Ўғли билан тенглаша олмаслигини Марям биларди. Исо каби бошқаларни севадиган ва атрофдаги оламга диққат-эътиборини қаратадиган бошқа баркамол бола бўлмаган. У диққат билан қулоқ солиб кузатар, кўрганидан ёки эшитганидан осонликча ҳайратга тушарди. У ҳеч қачон зорланмас, йиғламас эди. У соддагина қилиб Ўзининг эҳтиёжлари тўғрисида гапирарди. Исо ҳеч қачон Марямга кўз ёшларини ва инжиқликларини намоён қилмас эди. Баъзи бировлар Марямга, Боланг ўзингга ўхшайди, деб айтишарди. — Исонинг ияги сеникидай, Марям, Унинг бурни ўзингнинг бурнингга ўхшайди… Лекин ҳеч ким Унинг кўзларини онасиникига ўхшайди, деб айтмаган. Болалик давридан ўтгандан кейин Исонинг жингалак сочлари-ни Юсуфнинг ўзи қийиб қўйди. Шу куни улар байрам уюштирдилар. Марямнинг қариндош-уруғларини, қадрдон дўстларини таклиф қилишди. Меҳмонларга ёнғоқ ва кишмишли нонлар тортиқ қилишди. Ҳар гал Юсуф Сепфорисдан қайтаётганда, Марям ва Исо кун ботишдан олдин уни кутиб олгани Насронинг чеккасига чиқиб кутиб туришарди. — Онажон, ана у! — деб Исо узоқда кўринган ва уйи томонга келаётган Юсуфни кўрсатар эди. — Ана отам! Юсуф то тепаликка чиққунча, Болакай отасининг олдига қараб югурар, тезроқ бориб уни қучоқлаб, уйга бирга қайтишга шошилар эди. Ҳар куни кечқурун Юсуф Ўғлини тиззасига ўтирғизиб Унга саноларни ўқиб берарди. Юсуф ота-бобоси, шоҳ Довуд битган кўпгина саноларни ёддан билар эди. Марям ҳам эрини тинглаб ўтиришни яхши кўрарди. Юсуф билан Исо Марям тайёрлаган оддий овқатни тановул қилиб, куннинг содир бўлган ҳодисалари тўғрисида суҳбатлашиб ўтиришар эди. Марям эрининг иши кўп бўлишини хоҳларди, чунки ўшанда Юсуф ўз устахонасида қолиб Исони ҳам ўзи билан олиб юрарди. Она ота-болага егулик нон ва ичишга сув олиб келар, уларни кузатиб ўтириб, бир неча дақиқа устахонада қолиб кетарди. Юсуф ҳар бир фурсатни бой бермай Исога турли асбоблар — болға, искана, ёғоч болға ва бигиз билан ишлашни ўргатар эди. У Ўғлига силлиқ рандалашни ва ўлчаш асбоби билан меҳнат қилишни ўргатди. Сал улғайгач, Исо болта ва новтеша билан ишлашни ҳам ўрганиб олди. Иккиси ҳам бирга меҳнат қилишни яхши кўришарди: Юсуф — сабрли ва моҳир устоз, Исо бўлса — тиришқоқ, ғайратли Шогирд эди. Юсуф чизган расмни Исо ёғочга йўнар экан, кўзларини қадаб бутун диққат-эътиборини ишга қаратар эди: ҳоҳ у токда осилиб турган узум боши, ёки Довуднинг юлдузи ёки анор дарахтининг расми бўлсин, барибир. — Кейинги сафар Маъбадга Фисиҳ байрамига борганимизда, — деди Юсуф Исога, — мен Сенга катта олтин устунларни кўрсатаман. Бу устунлар — моҳир дурадгорлар меҳнатининг маҳсули. Дурадгорлар бу устунларни дарахтлардан йўниб тайёрлашган, сўнг юпқа қилиб устунларни олтин билан қоплашган. Бу устунлар худди олтиндан қуйилгандай бўлиб ҳозиргача ярқираб туради. Кечқурунлари Марям тўқиш дастгоҳида ишлаб ўтирганда, Юсуф Таврот, пайғамбарлар китобларини ўқишини ва авлод-аждоди ҳисобланган Довуднинг саноларини куйлашни ёқтирарди. Айнан Юсуф Исони ёзишга ва ўқишга ўргатди. Юсуф олти ёшли Исони қўлидан етаклаб, раввинлар олдига етаклаб олиб борди, чунки Исо лозим бўлган таълимни олиши керак эди. Шундан кейин Худо Марямнинг илтижоларига жавоб берди. Марям устахона эшиги олдида турганича Юсуфнинг кўза ясашини томоша қилаётган эди. — Юсуф, сиз ҳеч қачон ўз ўғлингиз бўлиши ҳақида менга гапирмагансиз. Юсуф хотинига қаради, бошини тебратди. — Худо менга берганидан ортиқроғини талаб қилишим керакми? Ҳар куни мен Исога қараб Исроилнинг Умиди, Ишончи улғаяётганини кўраман. — Агар Исони укалари, сингиллари бўлиб, улар ҳам бизга ўхшаб Уни қаттиқ севишса, жуда зўр иш бўларди-да! Насродаги баъзи бир одамлар ҳанузгача, тўйдан кейин Исо тез дунёга келган, деб Юсуф ва Марямни ғийбат қилишади, Унга мен-симай қарашади, болаларига ҳам шундай муомала қилишни ўргатишади. — Сиз нима деб ўйлайсиз? — сўради Марям сирини дарров ошкора қилмай туриб. — Болалар — бу Парвардигорнинг инояти. Юсуф бошини кўтариб, жилмайди. — Худо тақдим қилган иноятдан бошқаси энди менга керак эмас. — Парвардигор Ўзини севганларни марҳаматлайди, Юсуф. У бундай бандаларига сахий, олийҳиммат. Юсуф қўлидаги ёғоч идишга гажак ўйишини Марям қизиқиш билан кузатиб турди. Одатда Юсуф иш қилаётганда, хотини унинг ишини кузатиб туришни яхши кўрар эди, чунки Юсуф ўз вазифасини пухталик билан, сидқидилдан бажарарди. Юсуф — кучли, меҳрибон ва содиқ эр, ота. У Худога суянади, эрталаб, кундузи ва кечқурун Худога ибодат қилади. — Парвардигор Ўз марҳаматини тўхтовсиз ёғдиряпти, Юсуф. Марямнинг юраги хурсандчиликдан тўлиб-тошарди. Марям бу шодлигини эри билан баҳам кўришни истарди. Юсуф яна хотинига қаради, бу гал унинг қовоқлари солинган, кўзларида савол маъноси акс этиб турарди. Эри борига шукр қилиб, ундан ортиғини Худодан сўрамаслигини Марям биларди. Лекин аёл сўрарди. Марям Худо унга рўбарў қилган эр учун шукроналар айтиб, бу инсонни У яна марҳаматлашини илтижо қиларди. Исони ҳам. Наҳотки Унинг укалари, сингиллари бўлса, Унинг ҳаёти яна ҳам яхши кечишини билмаса? — Ҳа, Юсуф, Парвардигор бизни марҳаматлади, — эрининг хурсанд бўлганини кўргач, Марямнинг кўзлари ёшга тўлди. — Бизнинг фарзандимиз буғдой ўрими пайтида туғилади. Юсуф хотинини маҳкам қучоқлади, Марям шодланиб қийқирди. Тўртинчи боб Марям иккинчи ўғлини ҳам Исо каби ҳаяжон ва хурсандчилик билан қарши олди. Янги туғилган чақалоғини бағрига босиб эмизаётганда, унинг баҳри-дили очилиб кетарди. — Мана у, Исо. Сенинг уканг Ёқуб. Она чақалоғини Унинг қўлига берди, Исо укасини эркалаётганини кўриб жилмайди. Марям тўнғич ўғлининг пешонасига тушиб турган сочларини силади, олдинга тўзиб тушиб турган сочларини орқасига ўтказиб қўйди. — Ёқуб ҳамма болалардан устун, чунки унинг Сендай ажойиб акаси бор. Кейинги ойлар Марям учун янгиликлар ойи бўлди, чунки у икки ўғли орасидаги тафовутни, фарқни сеза бошлади. Исо чақалоқлигида фақат қорни очса ёки таги хўл бўлсагина йиғларди, холос. Ёқуб эса ҳар сафар бўлар-бўлмасга бақириб, онасининг диққатини ўзига жалб қиларди. Хатто ўн ойлик бўганда ҳам, кечалари бақириб ҳаммани безовта қиларди. То онаси туриб уни қўлига олмагунча, бу аҳвол давом этаверарди. Қудуқ бўйида хотинлар доим Марямга насиҳат қилишарди. — Агар сен фарзандингнинг хархашасига эътибор қилаверсанг, у инжиқ, қайсар катта бўлади. — Исо ҳеч қачон бундай инжиқлик қилмас эди. Аёллардан бири кўзларини тепага қаратди. — Марям, сенингча, қуёш бир жойдан чиқиб, бир жойга ботадими? Хотин суви тўла кўзани олиб уйи томон кетди. — Ҳар бир боланинг инжиқлиги ўзгача, — деди бошқа хотин. — Агарда тўнғичингиз кейинги фарзандларингиздан кўра ювошроқ бўлса, ундан ҳам ёмон, чунки кенжаларини тарбиялаш қийинроқ кечади. Баркамол болалар бўлмайди. «Исо баркамол», — деб ўйлади Марям, лекин очиқчасига айтмади, чунки бу ҳақиқатдан кўра кўпроқ мақтаниш бўларди. Ёқубни туққач, Марям она бўлиб Исонинг феъл-атворига ҳеч қандай таъсир ўтказмаганини тушуниб етди. Агар Унинг яхши Ўғил бўлиши онасининг хатти-ҳаракатига боғлиқ бўлса, унда нега Марям ўша ҳаракатларини кичкина ўғлига қўллаб, Парвардигорга итоаткор этиб тарбиялай олмаяпти? Ҳар иккисида ҳам мустаҳкам ирода бор. Исо бор кучини Парвардигорнинг хоҳиш-иродасини ба-жаришга қаратса, Ёқубнинг бутун хатти-ҳаракати ўзиникини қўлга киритишга ва ўз хоҳишига эришишга қаратилган. Агар Ёқуб кичкиналигидан шунчалик худбин бўлса, унда катта йигит, сўнг эркак бўлгач, нималар юз беради? — Ёқуб Исога ўхшашини мен қандай хоҳлар эдим-а, — деб тан олди бир куни Марям Юсуфга. — Агар уларнинг Отаси бир бўлганида бунинг иложи бор эди, — Юсуф хотинининг қўлини ушлади. — Марям, биз болаларимизга сидқидилдан Эгамизнинг йўлидан юришни ўргатамиз. Биз Худога маъқул келадиган ҳаёт кечирамиз. Ёқуб улғайгач, ўзи бир қарорга келар. Исо олдингидай ўқиш ва иш орасида онаси билан ўтириб суҳбатлашишга вақт топар эди. Доим онасига савол бериб қўйиб, кичкинтой укасини тиззасига ўтирғизиб, уни ўйнатар, бутун диққатини Марямга қаратар эди. Баъзида Исо шундай нарсалар тўғрисида гапирар эдики, ҳатто Марям ҳам гап нима тўғрисида кетаётганини тушунмасди. — Ўғлим, Сен бу тўғрида Юсуфдан сўрадингми? Онаси бундай баҳоналар билан гапдан ўзини олиб қочаётгани Исони қониқтирмас эди. — Онажон, Мен сиздан сўраяпман. — Қонунлардан мен фақат ота-онам ўргатганини биламан, холос. Марям ёдлаган оятларини яна такрор айтиб берар эди. Лекин Исо онасидан қонундаги бу парчаларни қандай қилиб тушунганлиги тўғрисида ўз сўзи билан, содда қилиб сўзлаб беришини хоҳлар эди. Кунларнинг бирида У онасидан, нима учун болалар мохов касалига дучор бўлган одамга тош отишгани тўғрисида сўраб қолди. Марям Унга шу мохов касалига дучор бўлганларга нисбатан қонунда нима дейилгани тўғрисида сўзлаб берди. — Шунинг учун болалар қари, касалманд одамга тош отишлари мумкин экан-да? Исонинг кўзидаги қаттиқ изтироб акс этганини кўрган Марямнинг томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. Она Унинг бошини силади. — Сен ҳақсан. Шафқатсизликни кечириб бўлмайди. Худо Марямни серпушт қилди. Ёқубдан кейин дунёга кичкина Юсуф келди. Бу исмни Марям эрига бўлган ҳурмати туфайли қўйди. Сўнг қиз бола туғилди. Марям онасини ҳурмати учун қизини исмини Ханна қўйди. Болаларнинг ҳаммаси Исони яхши кўришар, Унинг ҳам укаларига бўлган эътибори ота-онасиникидан кам эмас эди. Исо уйдалигида Ханна ҳаммасидан ҳам катта Акасининг тиззасида ўтиришни яхши кўрар эди. Ханна Ундан бирор бир воқеани сўзлаб беришини илтимос қилганда, Исо укаларига, синглисига Нуҳ тўғрисида, жонзотлар тўла унинг кемаси ҳақида, Юнус ва кит, Даниэлнинг шерлар ўрасига ташланганлиги тўғрисидаги ҳикояларни сўзлаб бераётганини Марям эшитиб турарди. Кечқурунлари Исо санолар куйларди. Марям ва Юсуф Исо айтаётган санонинг оҳангини билишса, гоҳида Унга қўшилишиб куйлашарди. Баъзида эса улар билган сўзларни Исо олдин ота-онаси ҳеч эшитмаган мусиқага солиб айтарди. Марям ҳар куни эрталаб Исони ўпиб ибодатхонага жўнатарди. У ерда Исо бошқа болалар билан, Ўзининг тенгқурлари билан Тавротни ўрганарди. Исо энди онасининг ҳузурида олдингига қараганда камроқ бўларди. Бундан Марям хафа, чунки онанинг кунлари майда-чуйда рўзғор ташвишлари билан ўтади. Исо эса борган сари улғайиб бораётир. Уйга қайтган Исо энди онасининг олдига кириб гаплашиб ўтиришга вақт тополмайди. У тўппа-тўғри устахонага йўл олади. Исо катта оилани боқишда отасига яқиндан ёрдам беряпти. Наҳотки У ҳақиқатдан ҳам Масиҳ бўлса? Бу мўмингина Бола, У кўп гапиришни ёмон кўради. У учун энг муҳими — қонунни ўрганиш ва отасининг ҳунарини эгаллаш! Марямнинг хаёлига бундай фикрлар ўз-ўзидан келарди. Чўчиб кетган она безовталанарди. Бундай хаёллардан ҳоли бўлиш ниятида Марям пешонасини бармоқлари билан силаб қўярди. Лекин хаёллар кимларнингдир овозига акс-садо бўлиб жаранглайверарди. Наҳотки У Исроилнинг Нажоткори, Ўша Масиҳ бўлолса? У Ўз халқининг қутқарувчиси, шоҳ-жангчи бўлса? Марямнинг калласига бундай сотқин фикрлар қандай келиши мумкин? Ўғли Исо кимлигини она жуда яхши билади! Тўнғич Ўғли Муқаддас Руҳдан эканлигини ҳам аёл яхши билади! Бундан ташқари, У — узоқ вақт кутилган Масиҳлигини ҳам Марям билади! Ташқаридан таниш овозлар, кейин таёқларнинг бир-бирига урил-гани эшитилди. Марям уйдан чиқиб қараса, Ёқуб билан Юсуф ёғочдан ясалган қиличлар билан жанг қилишаётганини кўрди. Марям уф тортди. Бу икки ўғли биринчи бўлиш учун доим муштлашиб юришади. Марям кўпинча олдинги вақтларни, яъни эри Юсуф ва ўғли Исо туғилгандан кейинги пайтларни кўпроқ эслагиси келар эди. Одобли ва меҳрибон Исо, У зўр иштиёқ ва хавас билан Ўзини ўраб турган оламни ўрганяпти. Лекин ҳеч қачон Исо бу оламнинг бир парчаси бўлмаган. Марямнинг Ўғли осмондан тушган. Унинг Ўғли Муқаддас Руҳдан. Қандай қилиб Уни бошқа фарзандларига қараганда кўпроқ яхши кўрмас экан?! Марямнинг диққатини тобора раҳмсизларча, шафқатсизлик билан авж олаётган икки ўғлининг ўйини тортди. Ёқуб ўзидан кичик укасини ерга ётқизди, устига оёғини қўйиб қўлидаги ёғоч қиличини укасининг юрагига тиради. — Сен ўлдинг! Юсуф тезлик билан ўрнидан турди, лой сачраган юзидан кўз ёшлари оқарди. — Римлик бўлиш — энди сенинг галинг! — Бас қилинглар! — бақирди Марям, аммо ўзини тута олмаганидан шу заҳоти афсусланди. Нега ўғил болалар жанг қилишни яхши кўришади? Ҳа, барча яҳудий болаларининг нияти, худди Марямнинг ниятига ўхшаб, римликларнинг салтанати кишанларини узиб ташлаш! Айнан шундай ният билан Исо дунёга келди. Яҳудийларнинг қилган орзу-ниятлари амалга ошиб, озодликк эришармиканлар? Исо — Марямнинг Ўғли. Парвардигорнинг Ўғли. Шоҳ Довуд каби, Исо ҳам қачонлардир Қуддуснинг кўчаларидан ғолибларча юрармикан? Нега буни кўз олдига келтириш Марям учун қийин бўлса? Бу Болакай Ўзини қандай намоён қилар экан? Ахир, У Ўзининг урушқоқ дўстлари ва укаларига катта муҳаббат билан боқади-ку! Исо ҳам курашишига тўғри келаётганини Марям биларди. Онаси яхши эслайди: Исо ҳали кичкина экан, Уни кечалари ёмон тушлар қийнарди. Марям Болани қўлига олиб: «Сени нима безовта қиляпти?» деб сўрарди, лекин Исо ичидагини ошкор қилмас эди. Исо ибодатхонадан уйга қайтганда, Унинг кўзларидаги дардни, бирор одамга нисбатан ноҳақ муносабатда бўлишганда эса кўзларидаги қаҳр-ғазабни онасидан бошқа ҳеч ким кўрмас эди. Вати-вақти билан Исо ибодат қиладиган ёпинчиқни бошига ташлаб ўтирганда, Унинг юзи таранглашиб, пешонасидан буғ кўтарилар эди. Бир куни Марям Ундан сўради: — Ўғлим, нимадан кўнглинг ғаш? Менга айт, нима бўлди ўзи? — Мен сизга айтганим билан бирор нарса ўзгарармиди? — Ўзинг енгил тортасан. Ўғил онасига боқди. Унинг кўзлари раҳм-шафқатга тўлди. — Мен енгил тортишга зор эмасман, онажон. Мен янги куч-ғайратга ташнаман. Зарур бўлганда, Менга бу куч-қудрат берилади. Она бирибир гапида оёғини тираб туриб олмоқчи эди, шу вақт Юсуф кириб келди. Унинг елкалари букчайган, кўринишидан кўнгли ғашга ўхшарди. Марямнинг юраги орқасига тортиб кетди. — Тобиас курсиларнинг пулини бермадими? — У айтдики, ўйламаган харажатлар пайдо бўлиб қолибди. У, пулни кейинги ой тўлганда бераман, деб айтибди. Марям ёниб кетди. Бу ноҳақлик! Юсуф шунча кўп, сидқидилдан ишлаб ўз пулини қачон беришларини кутиб юриши керак экан-да! Тобиас қарзини тўлашга бемалол қурби етади. У дарвоза олдида оқсоқоллар билан ўтиради-ку! Кўзда тутилмаган харажатлармиш! Кеча у кичик ўғли учун эшак сотиб олганини Марям эшитган. Аёл ўрнидан турди, унинг қўллари мушт қилиб тугилди. — Мен бориб у билан гаплашаман. Юсуф хотинига қаради. — Ҳеч қаерга бормайсан! — Бу нохақлик! Тобиас сизни алдаяпти! Агар менга рухсат берма-сангиз, ҳеч бўлмаса Исога ижозат беринг, бориб у билан гаплашсин. — Марям, — куйиниб гапирди Юсуф. — Тобиас вақти-соати келганда пулни тўлайди. У доим менга пул бериб келган. — Хўп, унинг вақти-соати келгунга қадар биз кутиб ўтираверсак, нонни нимага сотиб оламиз? — Сепфорисда иш кўп. — Юсуф, бу адолатдан эмас, — деб туриб олди Марям, унинг кўзларидан ёш томчилади. — Сиз шунча меҳнат қилсангиз… — Ош-овқатни бизга Тобиас бермайди, Марям. Рисқ-рўзимизни, нонни бизга Худо беради. Кейинги куни эрталаб Юсуф ва Исо Сепфорисга жўнашди. Кечқурун эса Ханна касал бўлиб қолди. * * * Орадан икки кун ўтди, лекин ҳамон Ханнанинг иссиғи тушмас, пешонасига қўйилган совуқ латта ҳам боланинг иситмаси баландлигидан тезда қуриб қоларди. Ханна тинмай йиғлар, Марям бўлса уни қўлидан қўймай аллалаб юрарди. Ўғил болалар ҳам жимгина ўтиришарди. Сингилларига уларнинг раҳмилари келарди, онаси тобора сиқилиб бораётганини улар кўриб туришарди. Касалликнинг учинчи куни Ханна беҳуш бўлиб ётиб қолди. Юсуф билан Исо Сепфорисдан қайтишганда, кўзларидан дув-дув ёш оқизиб Марям йиғлаганича эрига отилди — уларнинг кичкинагина қизалоғи ўлим тўшагида ётар эди. Исо дурадгорлик асбобларини четга қўйиб хонани кесиб ўтди. Юсуф Марямни қаттиқ қучоқлаб олди. Она бошини буриб тўнғич Ўғлига қаради. Узоқ дақиқа давомида Исо синглиси тепасида туриб қолди. Сўнгра унинг каравоти ёнига чўккалади. — Ханна, — деб чақирди У, кейин бармоқларини синглисининг қўлларига тегизди. — Исо, — жилмайиб деди Ханна, унинг юзига қизиллик югур-ди. — Сен биз билан бирга уйдасан-а энди. Қизча қўлларини Унга чўзди. Исо синглисини қўлига олди, ўрнидан турди. Қизалоқ қўлчалари билан акасининг бўйнидан қучди, оёқларини Унинг белига тираб, бошини Унинг елкасига қўйди. Исо юзини сингилчасининг бошига қўйиб, кўзларини юмди. Марям эшик олдида турган курсига ўтирди, вужуди қалтирар, юраги тез-тез урарди. Юсуф титраб, Марямнинг елкасини сиқди. Марям бирдан хохолаб кулиб юборди, қўллари билан юзини беркитди. Унинг юзларидан кўз ёшлари сувдай қуйиларди. — Ханна соғайди, онажон, — Ёқуб ўрнидан турди. — Майлими, энди биз ўйнагани чиқсак? Ёқуб ўзини Исо томон отди. Исо синглисини онаси томон қаратди. Ханна акаси Ёқубни қучоқлаб олди. — Ҳа, у соғайди, Ёқуб. Боринглар, ўйнайверинглар! Кичкина Юсуф Ёқубнинг ортидан шошганича югуриб кетди. Жажжи Юсуф билан Ёқуб ажойиб мўъжизанинг гувоҳи бўлишганини, лекин ҳеч нарсага тушунишмаганини Марям англаб турарди. * * * Руҳоний Юсуфнинг устахонасига Исонинг дўсти бўлмиш Ишайни топшириқ билан жўнатди. — Устозимиз айтиб юборди: ҳозир сиз тезда унинг ҳузурига борар экансиз. Исога алоқадор гап бор экан. — Унга нима қилди? — Юсуф қўлидаги новтешани четга қўйди, эгнидаги ёғоч қипиғини қоқиб бола билан кўчага чиқди. — Устозимизнинг яна Исодан жаҳли чиқди. — Исонинг устози олдин Ундан норози бўлганини мен эшитмаган эдим. — Юсуф бўйни ва елкалари терга ботганини ҳис этди. — Нима воқеа содир бўлди, Ишай? — Мен билмадим, — деди болакай бошини чайқаб. — Исо қандайдир савол берган эди, раввийнининг жаҳли чиқиб қизариб, титраб кетди. Сўнг менга сизни чақириб келишимни буюрди. Улар тезлик билан шаҳарнинг марказида жойлашган ибодатхона томон кетишарди. Хонадаги вазият танглигидан ҳаво ҳам жимир-жимир қилиб турарди. Устоз совуқ оҳангда қайсидир қонуннинг тутган ўрни тўғрисида талабаларни таништиргандай бўлди. Юсуфни кўргач, у қарсак урди. — Бугунга етарли. Уйга кетаётиб йўлда бугун нима тўғрида суҳбатлашганимизни эсланглар. Бу нарсалар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринглар. Руҳоний қўлини силтаб ўқувчиларга руҳсат берди. Ҳамма болалар, олдидаги ўриндиққа ўтирган Исодан ташқари, ўрниларидан туришдию эшик томон шошилишди. Юраги ёрилиб кетган Юсуф қўлини Унинг елкасига қўйди. Устоз қўлларини енгига тиқиб Исога тикилди. — Мен Унинг саволларидан чарчадим! Юсуф ҳайрон бўлганича устозга қаради. — Устоз? Ибодатхона — бу саволлар жавоб берадиган жой, қонунларни ўрганадиган даргоҳ. Юсуф саросима ичида нигоҳини дам Исодан устозга, дам устоздан Исога қаратарди. — Сен отасан, ўзинг У билан гаплаш! — раввийнинг кўзлари чақнаб кетди. — Ўғлингга мен Унинг устози эканлигимни тушунтир. Агарда У тинмай менга бўлар-бўлмас саволларни бериб, мени мунофиқ одам қилиб кўрсатиб ноқулай аҳволга солаверса, Уни ибо-датхонадан ҳайдайман. Оддий дурадгорнинг ўғли менинг обрўйимни тўкишини истамайман. Юсуфнинг юраги сапчиб кўкрагидан отилиб чиқиб кетаётгандай туюлди. У Ўғлининг елкасидан қўлини тортиб олиб олдинга қараб бир қадам қўйди. Лекин Исо отасининг қўлини маҳкам ушлаб, уни тўхтатиб қолди. — Устоз, мен сизни ҳақоратламоқчи эмас эдим, — деди Болакай хотиржам ва мағрур оҳангда. Сўнг бошқа бир оғиз сўз гапирмай устознинг кўзларига тикилиб қаради. Руҳонийнинг нафрати бир зумда тарқаб кетди. У жимгина ота-болага боқди. Кейин кўзларини қисиб, Болакайнинг гапларидан қандайдир пичинг, бировнинг устидан кулиш ҳиссини топгандай бўлди. — Нима бўлган тақдирда ҳам, мен сизларни огоҳлантириб қўйдим. Ибодатхонадан чиқишаётганда, Юсуф Исодан: «Сенинг қандай саволинг устозингни шунчалик васвасага солб қўйди?» деб сўрамоқчи бўлди. Лекин Исога назар ташлаган эди, Унинг кўзларидаги ёшни кўрди. Юсуф хавотирланди, қўлини Ўғлининг елкасига қўйди. — У Сени тенгқурларинг олдида камситдими? «Ҳа, устози Уни хўрлаган», — деб ўйлади Юсуф, шунчалик қони қайнадики, ичкарига қайтиб кириб устозига, сиз қанчалар ярамас одамсиз, деб юзига айтмоқчи бўлди. Исо бошини сарак-сарак қилди, Унинг нигоҳи маъносиз боқарди. — Нега одамлар бунчалар қайсар бўлишади? Исо отасидан жавоб кутмаётганлигини Юсуф билиб турарди. * * * Исо ибодатхонада Таврот ўқийдиган кун ҳам етиб келди. Марям шошилганича пастда турган эркакларни кўриш учун тўда бўлиб йиғилиб турган аёллар орасини ёриб ўтди. Нотиқ чўзиброқ, Шма[15], деди. Болалар жавоб беришди. — Омин! Таврот ўқиладиган тахтасупада Исони устози ва йиғин бошқарувчиси — бой савдогар кутиб олишлари керак эди. Уларнинг орқасидаги ўриндиқларда шаҳарнинг етти оқсоқоли, қолган эркаклар эса ўз касб-корига биноан маълум бир тартибда туришарди. Юсуфни, Исони, Ёқубни ва кичкинтой Юсуфни дурадгорлар орасида ўтиришганини Марям кўрди. Марям панжарага ёпишиб олди. Бу кунни она узоқ кутди. Ахир, шу куни унинг ўғли биринчи бор жамоат олдида чиқиш қилади-да. У йиғилганларга, Мен Масиҳман, деб эълон қилармикан? Руҳоний жамоат бошқарувчиси ва ибодатхона бошлиғи жўрлигида Аҳд сандиғига яқинлашиб, унинг ичидан матога ўралган Тавротни олишди. Жамоат ўрнидан туриб, оҳангдор қилиб қуйидагича гапирди: — Аҳд сандиғи сафарга чиқаётганда, Мусо шундай деди: «Эй Эгам, қўзғал! Сенинг ғанимларинг сочилиб кетсин! Сендан нафрат-ланганлар эса, Сенинг нигоҳингдан тум-тарақай қочиб кетади!» Исо дурадгорлар ўтирган жойдан туриб, олдинга чиқди. У олдинга ўтар экан, йўл-йўлакай устидаги ибодат чойшабини тўғрилаб олди. Ёш бўлишига қарамай, У Ўзини муносиб тутарди. Наҳотки У тенгқурлари орасида Ўзининг ўзгачалиги билан ажраб турганини қуйидагича кўришмаса?! Исо минбарга яқинлашганда, Марямнинг юраги янада қаттиқ ура бошлади. Шу бугун бир мўъжиза содир бўлиб, Уни бутун Насрога машҳур қилармикан? Юсуф ва Марям ҳақидаги турли миш-мишларнинг ноўринлиги исботланармикан? Ва ниҳоят унинг Ўғли — бу Масиҳ эканлигини одамлар билиб олармикан? Халқ Унинг атрофини қуршаб олиб Унинг номини улуғлармикан? У одамларни қаерга бошламасин, халқ Унинг кетидан эргашиб борармикан? Эй Парвардигор, шундай бўлсин ҳам. Унинг юлдузли вақти келган бўлсин. Самовий Отажон, биз бу вақтни қанча кутдик. Довуд ҳам кичиклигиданоқ ёғ суртилиб подшоҳликка кўтарилган. Сен унга доимо ғалаба ҳадя этгансан. Исо тахтасупада нотиқ ўрнини эгаллаб, қўлида қоғоз ўрамини ушлаб турарди. — Чунки ёниб турган печ каби кун келади; ўшанда ҳамма манманларни ва нопокларни сомонга ўхшатиб келажак кун шундай ёндирадики, ейди Сарвари Олам, уларнинг на томири, на шоҳи қолади. — Қуйидаги сўзларни Исо ўқиётганда, Марямнинг бада-нида чумолилар ўрмалаётгандай бўлди. Унинг овози ҳали болаларникидай бўлгани билан, У буйруқ майлида гапирарди. У жуда ёш эди. Бошқалар буни англадимикан? — Сизлар учун эса, эй Менинг номимни эъзозлаётганлар, ҳақиқат қуёши порлайди, шифобахш нурларини сочади, сизлар чиқиб тўйган қўзилардай ўйноқлаб кетасизлар; сизлар нопокларни тепкилайсизлар. Шунга кўра улар ўша куни, яъни Мен кўрсатмоқчи бўлган кунда сизнинг оёқларингиз остидаги чангга айланади, дейди Сарвари Олам. Марям ғурурланиб кетди. Юсуф жилмайганича хотинига чақнаб турган кўзлари билан боқди. — Менинг қулим Мусонинг қонунларини ёдда тутинг. Бу қонунларни Мен Хоревда бутун Исроил халқи учун васият қилган-ман, — деб давом ўқишда этди Исо. — Парвардигорнинг ҳайбатли, даҳшатли куни келишидан олдин Мен сизнинг ҳузурингизга пайғамбар Илёсни жўнатаман. У оталарнинг эътиборини болаларга, болаларнинг нигоҳини эса оталарига қаратади, — Исо бошини баланд кўтарди. Уни тинглаётганларга кўз югуртириб чиқди, кейин аёллар турган томонга қаради, — токи Мен келиб ер юзидагиларга лаънат ёғдирмайин. Марямга худди юраги бир дақиқага тўхтаб қолгандай туюлди. Она ўз Ўғли, яъни Худога туғиб берган Ўғли учун ташвишланмасди, балки уни ўз халқининг келажаги чўчитарди. Бошқа болаларнинг аҳволи нима бўлади? Исо — Худонинг ёғ суртилгани эканлигига улар ишонишармикан? Ёки нима бўлган тақдирда ҳам Унинг кетидан боришармикан? Ёки олдингидай Унинг баҳри-дилини очадиган ҳиссиётни, Унинг севгисини, Унинг марҳаматини кўришармикан? Ёки Унинг оддий фарзанд эмаслигини тушунишармикан? У — Эгамизнинг Ўғли, Исроилни қулликдан қутқариш учун Самодан жўнатилган. Албатта, сен дунёга келтирган Ўғил Мусодан юқори туради. Сенинг Ўғлинг ҳукмронлик қилади! Марям, Унга қара! Унинг томирларида сенинг қонинг оқяпти! Марям пастда турган Исога тепадан қараганда, унда оналик ғурури жўш уриб кетарди. Насро эркаклари Уни ўраб олиб илк бор жамоа қаршисида Тавротни ўқигани билан қутлашарди. Бу улуғ ва буюк кун! Марямнинг атрофини ҳам хотинлар ўраб олди. Ҳаммаси уни шундай ажойиб ўғил билан табриклашарди. — Марям, У жуда ҳам яхши ўқиди… У обрў сақлаб турибди… Оқсоқоллардан бири байрам қўшиғини бошлади, қолганлар унга қўшилиб жўр бўлишди. Уларнинг овозига тобора овоз қўшиларди, янада кучлироқ бўлиб самога кўтариларди. Менинг Ўғлим! Менинг Ўғлим! Марям Исога қараб турарди. Унинг кўзи онасига тушганда, Марям Унинг юзидаги ҳавотирликни ҳис этди. Исо онасига тик боқди. Марям миясида чарх ураётган хаёллар қандай маънога эгалигини тушунди. Менинг Ўғлим. Менинг қоним. Менинг Болам ҳукмронлик қилади! Она Исога яна бир бор қараб, ловуллаб ёнаётган юзларига муздай кафтларини босди. Эй, Эгам, Исроилнинг Худоси, мени кечир! Исо — Сенинг Ўғлинг! У Муқаддас Руҳнинг фарзанди. Сен фақат Ўз ваъдангни бажаришинг учун мендан идиш каби фойдаландинг, холос. Исонинг чеҳрасида акс этган ҳавотирлик ҳиссини энди хотиржамлик эгаллади. У қўлларини тепага кўтариб, хурсандчиликдан рақсга тушаётганда, кўзлари ярқираб, порлаб кетди. Қолган имонлилар қўл ушлашиб, Уни айлантириб ўраб олишди. * * * Кеч тушиб қолган, Марям боғдаги кичкина курсида ўйланиб ўтирибди. Болалар ўринларида ухлашяпти. Исо билан Юсуф байрам кунги воқеалар ҳақида суҳбатлашиб, Муқаддас Ёзувларга шўнғиб кетишган. Юсуф фарзандларига, Парвардигорнинг Каломи самода тасдиқланиб, Унинг ҳақиқати авлоддан авлодга ўтади, деганини Марям неча бор эшитган. Исонинг укалари буни тушунишга ҳали ёшлик қилишади, лекин барибир ота доим шундай дерди: — Болаларим, қонун тўғрисида ўйланглар, чунки Парвардигорнинг амрлари сизни душманларингизга қараганда донороқ қилади. Марям кўз ёшини артди. Минг афсус, аёлларга Тавротни ўрганиб, соатлаб қонун ва пайғамбарлар тўғрисида баҳс-мунозара қилишга ижозат берилмайди. Фақатгина ибодатхонада Тавротни ёки шоҳ Довуддан Юсуфга мерос бўлиб қолган саноларни эри ўқиганда, Марям завқланиб тинглаши мумкин эди, холос. Аёл кўп нарсани билмайди, кўп нарсани англамайди ҳали. — Марям! — унинг елкасига Юсуф қўлини қўйганини хотин ҳис қилди. Марям эрининг қўлига қўлларини қўйди, кўз ёшларини яширишга харакат қилди. Балки у жуда чарчаган бўлса керак. — Жонгинам, сен нимадан безовта бўляпсан? Юсуф хотини ёнига ўтирди. Марям ўзини қўлга олишга, хотиржам бўлишга харакат қилди. — Жуда кўп нарса, Юсуф, — у бошини қуйи солди. Сўнг эрига қаради. — Мен бугун Ўғлим билан ниҳоятда фахрландим. У шундай яхши ўқидики! Ҳамма аёллар шу тўғрида гапириш-ди, — ҳатто қачонлардир Марямни иғво қилганлар ҳам. — Устози ҳам хурсандлигидан жилмайиб қўйди… — Ҳа, ўғлимиз Исони ибодатхонадан ҳайдамоқчи бўлган устози! Юсуф хотинининг кўз ёшларини артди. У жимгина Марям дард-аламларини айтиб, юрагини бўшатишини кутарди. Юсуф Марямнинг ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган эди. Аёл эри билан уни қийнаётган муаммоларни дардлашди. Хотинини қийнаётган ҳис-туйғуларни жиловлашда балки Юсуф унга кўмаклашар. Бу туйғулар баъзида нотўғри, баъзида эса Марям учун умуман қоронғу эди. — Ҳамма нарса Худонинг вақти-соати билан содир бўлишини мен биламан, — деди секингина Марям. — Лекин гоҳида мен ўша вақт ҳозироқ келишини хоҳлайман, — аёл юлдузларга қаради. — Худо Мусони саҳродан чақириб олиб, фиръавн ҳузурига келишини буюрганда, у саксон ёшга кирган эди, — Марям гапини давом эттиришдан олдин кўзларини юмди, титраб-қақшаб ютинди. — Бу вақтга етиб келмай, унинг онаси вафот этиб кетган эди. — Исонинг ҳукмронлигини кўришим учун ҳали узоқ яшашим керак, мен ўша кунга етиб боролмайман, деб қўрқяпсанми? Ўғлимнинг ҳақиқий Ўз ўрнини эгаллашини Мен кўрмоқчи бўлганим яхши эмасми? — Марям аёллар билан ашулачилар гуруҳида турган пайтда, Исонинг чеҳрасида акс этган аломатни эслади. Она яна бир бор қизариб кетганини ҳис этди. Нега энди у уялиши керак экан?! Нега Марям ўз Ўғли билан фахрланиши керак эмас?! — Масиҳ келиб ҳақиқатни ўрнатишини Исроилдаги бутун халқ кутиб турибди. Шоҳ Довуднинг ёзишича, Парвардигор Сиондан ту-риб кун чиқардан бошлаб то кун ботгунга қадар халқни ҳукм қилади. Биз кечаси даҳшатлардан, кундузлари учиб келаётган найзалардан, зимистонда кезиб юрган яралардан қўрқмаслигимиз айтилмаганмиди?! Муртадларни ва бетавфиқ гуноҳкорларни жазо олишини биз кўрамиз. Жазони римликлар, солиқчилар, фарзийлар ва китобий билимларга ёпишиб, ҳаётдан узилган одамлар олишади. Яҳудийлар уларнинг зулмидан ётиб қолгунларича бундай одамлар янгидан-янги қонунлар излаб топишарди. — Марям, — деди секингина Юсуф, — Муқаддас Ёзувларда Масиҳ тўғрисида кўп айтилган. — Худо Довудни ёғ суртиб шоҳликка тайинлаганда, у ҳали ёш бола эди. — Исо шоҳдан улуғроқ. — Юсуф, мен Унинг онасиман. Буни сиздан ҳам яхши биламан. — Ҳа, жонгинам. Лекин бу тўғрида ўйлаб кўр. Парвардигор бизга гуноҳларимизнинг оқибатини тузатишга имконият бермай туриб, дунёни ҳукм қилгани келадими? — Биз итоаткормиз. — Ҳар дақиқадами? Ҳар бир хаёлларимиздами? — Юсуф маъюс бош чайқади. — Худо бизга қонунларни ахлоқсизлигимизни намоён қилиш ва кўрсатиб қўйиш учун берган, деб гоҳида ўйлайман. Ҳар куни одамлар, эй Худойим, Масиҳ тезроқ келсин, деб илтижо билан ибодат қилишларини эшитаман. Аммо улар фақат бир нарсани истайдилар — бу ҳам бўлса У қилич билан келиб римликларни ўлдириб, қолган бегона халқларни бизнинг юртимиздан ҳайдашини! — Юсуф бармоқлари билан хотинининг юзидаги жингалак сочини қулоғининг орқасига олиб қўйди. — Шундай қилиб, улар нимани талаб қилмоқдалар: ҳақиқатними ёки қасосними? Мен ўч олишни эмас, аксинча, одамлар ва Худонинг ўртасидаги муносабатлар худди Адан боғидаги каби тикланишини хоҳлайман. — Юсуф, Исо бунинг ҳам ғамини ейди. Ажойиб бир кун келиб, Ёқуб ва кичкина Юсуф ҳам Унинг ёнидан ҳаққоний ўз ўринларини эгаллашади. Юсуф хотинига жавобан ҳеч нима демади. Марям қуюқ қоронғуликда эрининг юзига яхшилаб разм солди. Унинг юрагида ғазаб жўш ураётганини аёл ҳис қилди. Шак-шубҳасиз, Юсуф ҳам, Марям каби, Исони тахтга ўтиришини, укалари бўлса, Унинг ёнидаги ўринларни эгаллашларини истарди. — Исо Масиҳ эканлигини сиз мендан яхши биласиз. — Ҳа, — деб мулойимгина жавоб берди Юсуф, — мен биламан. Лекин ўзинг менга, Худо ҳеч қачон одам ўйлаганидек иш тутмайди, деб бир неча бор эслаган эдинг. Эрининг гаплари ва гапининг оҳанги Марямни ташвишга солди. — Ваъда бажарилишини тезроқ кўришни хоҳламайсизми?! — Нега Юсуф гапирмаяпти? Нега у бунчалар ўйланяпти? — Юсуф, шу ўтган йиллар давомида мен ибодатхонада айтилган гапларга диққат билан қулоқ солиб келдим. Сиз Исога Муқаддас Китобни ўқиб бераётганингизда ҳам тинглардим. Нимадан қўрқишимиз керак?! Мусонинг айтишича, Худо — жангчи, пайғамбар Дониёр бўлса ҳамма нарса Унга берилади, дейди. Исода шоҳлик, шон-шуҳрат ва ҳукмронлик бўлади. Барча тилда сўзлашувчи бутун халқ Унга хизмат қилади. Унинг ҳукмронлиги абадий бўлади, ҳеч қачон тугамайди. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон қуламайди. Шу воқеа айнан ҳозир бўлишини мен истайман. Юсуф хотинининг қўлини сиқди. — Дониёр яна, Инсон Ўғли айнан шу учун келмайди, деган эди. Марям қоронғуликда диққат билан эрининг кўзларига тикилди. — Мен тушунмаяпман. — Мен ҳам тушунмаяпман, Марям. Лекин Ишаё пайғамбарнинг айтишича, Масиҳ бошдан кечирган касалликлар энг оғир қайғу бўлади. — Йўқ, — Худо Марямни руҳлантирган кундан бошлаб у ўзини таҳқирланган ҳисобларди. Бундай ҳолат, шубҳасиз, Исо билан юз бермайди. Сўзсиз, вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Барибир, бир кун келиб бор ҳақиқатни ҳамма билиб олади. Аёл Юсуф томон бурилди, эрининг қўлини маҳкам ушлаб олди. — Ҳеч ким Исодан юз ўгирмайди. Юсуф, ахир, У жуда меҳрибон-ку! У ҳаммани севади. Қандай қилиб халқ Унга хурсанд бўлмайди? Вақти-соати келиб Парвардигор барчага: «Исо Ўшадир, Уни биз бир неча юз йиллаб кутган эдик», деб айтади. Исо халққа Ўзини намоён этади. — Марям, Худо одамларни Мисрдан олиб чиқаётганда, Ўзини зоҳир қилгани эсингдан чиқдими? Қизил денгиз тубидан қуруқ ерни босиб ўтган исроилликларни бутун бир авлоди саҳрода қолди, чунки улар Худони инкор этишган эдилар-ку! — Энди ҳаммаси бошқача бўлади. Мен сиздан яхши биламан, чунки мен Унинг онасиман! — Ҳа, Марям, сен Унинг онасисан. Лекин ҳаракатни Унинг Отаси қилади. Марям ўзини Юсуфдан сал нарироқ тортди. — Худо, Уни инкор қиламан, деган ниятда дунёга Ўз Ўғлини жўнатган, деб менга айтманг! Бунда қандай маъно бор? Марям бирдан ибодатхонада Шимўннинг айтган гапларини эслади: «Қурол сенинг қалбингни ҳам яралайди». Марям ўрнидан туриб, четга ўтди. — Йўқ, — у иккала қўли билан бошини ушлади. Бундай хаёл-лардан унинг бадани музлаб кетди. Марям бош чайқади. — Худонинг марҳамати кенг. — Марям, сен кимга марҳамат сўраяпсан? Мўъжиза содир бўлиб Исо дунёга келганини айтганингда, сенинг гапингга ишонмаганлари учунми? Сени тошбўрон қилиб ўлдирмоқчи бўлган одамлар учун нажот сўраяпсанми? Сен уларни Худо кечиришини илтижо қиляпсанми ёки … жазолашиними? Эрининг гапидан Марямнинг дили оғриди, лекин Юсуф уни хафа қилмоқчи эмаслигини хотини биларди. Эр хотинига фақат ўйлаб кўришга имконият берди. Марям титраб турган лабларини кафти билан беркитди. Аёл ҳақиқатдан ҳам ўзи нимани истайди? Одамлар ҳақиқатни билиб, унга ва унинг оиласига нисбатан нотўғри муносабатларини англаб етиши ва кечирим сўрашиними? Дард-алам ва зулмларга Исо чек қўйишини кўриш ёмонми? Насродагилар Марямнинг ёлғон гапирганини, Парвардигор Масиҳни дунёга келтириш учун уни танлаганини, Исо — Худонинг Ўғли эканлигини, бир кун келиб У одил ҳукм чиқаришини ва Ўзининг буюк қудратини намоён қилишини халқ бил-са ёмонми?! Парвардигорнинг куни келишини Марям кўришни хоҳларди! У Парвардигорнинг Ёғ суртилган Ўғли тахтда ўтиришини истарди! Онанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Адан боғида бўлгани сингари, аёл дунёда яна ҳақиқат ўрнатилишини хоҳларди. Юсуф ўрнидан туриб хотинига яқинлашди. Марямнинг қўлини олиб ўпди, ожиза аёлнинг юзларидаги кўз ёшларини артди. — Марям, Парвардигор Ўз марҳаматини ва ҳукмини бирлаштириш чорасини топади. У буни Исо орқали амалга оширади, лекин қандай қилиб — мен билмайман. Аммо бу биз ўйлагандан ҳам қимматга тушиши мумкин. — Одамлар қурбон бўлади, — деди Марям ташвишга тушиб. Ҳар гал Худо Ўз халқини ҳукм қилганда, минглаб одамлар ўлади. — Одам Ато гуноҳ қилгандан бери, одамлар ўлади. Мен итоатсизликнинг баҳоси тўғрисида гапиряпман. Исо — Масиҳ эканлигини биз биламиз. Бизга маълум бўлгани фақат шу, холос. Қачон, қандай қилиб У хокимиятни эгаллаши, Унинг ёнида ким ўтириши бизга номаълум. Парвардигорнинг нияти — улкан жумбоқ. Лекин мен бир нарсани аниқ биламан: бизгача яшаб келган ҳамма имонлилар, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бу кунни орзиқиб кутишган. Мен билан сен эса Парвардигорнинг Ўғли улғаяётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бироқ биз ҳам, улар каби, Парвардигорга ишонишимиз керак. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳамма нарса қандай намоён бўлишига қарамай, биз Унга умид қилмоғимиз лозим, — Юсуфнинг овози титради. — Исо тонг отгандан то кун ботгунга қадар айнан шундай қилаётганини мен кўряпман. Ундаги барча ҳаракат Ўз Отасининг истагини бажаришга қаратилган. Марям Юсуфнинг кўзларида ёш кўрди. — Сиз Унга бирор нима бўлишидан чўчияпсизми? Қўрқманг, Худо Уни Ўз паноҳига олади. Юсуф хотинини ўзига тортиб, маҳкам қучоқлади. — Илёс — вафот этмасдан бу дунёни тарк этган ягона пайғамбардир. * * * Марям Ханна билан бирга аёллар томон борар экан, Юсуф Исони, Ёқубни ва кичкина Юсуфни ибодатхона ичкарисига етаклаб олиб кетаётганини кўрди. Улар Мисрдан қайтишгандан бери, ҳар доимгидек йилда бир маротаба Яҳудияга Фисиҳ байрамига боришар эди. Бугунги кун ўша кечаси — Эгамиз фариштасини жўнатиб, яҳудийларнинг хонадонини четлаб ўтиб, Мисрликларнинг ҳамма тўнғичларини ўлдирганидан, яҳудийларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққанидан хотира бўлиб қолган. Айнан ўша кундан яҳудий халқининг қулликдан қутилиш байрами бошланади. Марям Абиё исмли қариндошининг уйига қайтаётганларида, Қуддус кўчаларида Рим аскарларининг саф тортиб юраётганларини кўрди. Бир вақт уни ўраб олаётган одамларнинг норозилик овозларини эшитди. — Ҳа, Масиҳ келсин, бу римлик чўчқаларнинг ҳаммасини ҳайдайди! У шоҳ Сулаймонга қараганда яна ҳам улканроқ шоҳ бўлади, ҳамма халқлар Унга сажда қиладилар! Марям билан Абиё хонадони аёллари биргаликда маца, думалоқ хамиртурушсиз қотирма нон пиширишди. Улар ер қалампирини қириб, кашнич кўкатини ювишди. Аёллар ўткир тамли ширин ичимлик тайёрлаш учун мева ва ёнғоқларни майдалашди. Уларга зираворлар аралаштириб мусалласга қўшишди. Ҳамма қариндош-уруғлар тўшалган бўйра устига, безалган хонтахта атрофига ўтиришди. Абиё бўлса байрам дастурхонини бошқаришни ўз зиммасига олди. У Марямнинг қариндоши Закариёнинг кичик укаси эди. Закариё ва унинг севикли хотини бўлмиш Элизабет яқинда оламдан ўтган эдилар. Уларнинг ўғли Яҳёга нима бўлгани Марямни қизиқтирди. Аёл бу қариндошиникига охирги марта фаришта унга зоҳир бўлгач, хомиладорлигида келган эди. Ўшанда Закариёнинг уйига кирган Марям қариндошлари билан салом-алик қилди ва Элизабет ундан ҳол-аҳвол сўрагандан кейин, Марямнинг қорнидаги ҳомиласи қимирлади. Анча вақт ўтгач Марям уйига кетишга тараддуд кўраётганда, Элизабет унга пичирлади: — Вақти-соати келиб, менинг ўғлим Масиҳ келгани тўғрисидаги хабарни Исроилга етказади. Элизабет ва Закариёнинг олдига ёбус халқи келиб, Яҳёни Ўлик денгиз тепасидаги ғорга олиб кетишди. Ўшандан бери Яҳёни ҳеч ким кўрмаган, у ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган. Агар у ёбуслар билан Фисиҳ байрамига келган бўлса ҳам, ўз қариндош- уруғларини излаб топишга харакат қилмаган. Марям гоҳида кийим бошлари чанг босган, тарки дунё қилиб дарвешона ҳаёт кечириб юрган бир гуруҳ эркакларни кўриб туради. Бу одамлар етим-есир болаларга ғамхўрлик қилишади. Дарвешларга қараганда болаларнинг кўринишлари дурустроқ эди. Лекин Марям уларнинг орасида Элизабетга ёки Закариёга ўхшаган болани ҳеч кўрмаган. Балки Худо Исони Мисрга жўнатгани сингари, Яҳёни ҳам бирор бир киши билмас жойга жўнатганмикан? Вақти келиб Яҳё яна қайтади. Шундай бўлса, унда Парвардигорнинг куни яқин. Шубҳасиз, Исо каби Худонинг назари Яҳёга ҳам тушган. Вақти-соати келиб, Яҳё Исонинг шоҳлигини эълон қилади. Элизабетнинг айтганлари амалга ошади. Байрам дастурхони очиқ деб эълон қилингач, Абиёнинг хотини шамларни ёқди. Марям бутун диққат-эътиборини Фисиҳни нишонлашга қаратди. Абиё шароб тўла косани қўлига олди, қолганлар ҳам шундай қилишди. Сўнг мўйсафид қария диний маросим ибодатини айтишни бошлади: — Исроилнинг Худоси, бутун дунёнинг Шоҳи, Ўз муқаддас қоидаларини инъом этган ва бизни Мисрдан олиб чиққан Парвардигорга ҳамду санолар бўлсин… Шу вақт оиланинг энг жажжи аъзоси Лия — Абиёнинг набираси: «Нега дастурхон атрофида битта бўш жой турибди?» деб сўраб қолди. — Биз бу жойни Илёс учун қолдирдик, — деди унга бобоси, чунки пайғамбар Малакийнинг хабар беришича, Парвардигорнинг буюк ва даҳшатли куни келишидан олдин, Худо бизнинг еримизга пайғамбар Илёсни жўнатар экан. Қизалоқ ўрнидан шошиб туриб пайғамбар Илёсни ахтаргани югуриб чиқиб кетди. Тоғаваччалари орасида тирсагини хонтахтага тираб ўтирган Исони кўрган Марямнинг юраги дуккиллаб урди. Чунки Масиҳнинг Фисиҳда келиши айтилган. Масиҳ шу ерда, шу хонтахта атрофида ўтирганини она билади. Марям эшикка қайрилиб, қизчани диққат билан кузатди. Балки шу кеча Яҳё келиб Масиҳ тўғрисидаги хабарни айтар. Қизча қайтиб келди. — Бобожон, Илёс йўқ. Абиё шароб тўла косани кўтарди. — Кейинги йили Қуддусда бўлади! * * * Илёсни ахтаргани чиқиб кетган кичкина қизалоқ Лияни Марям қандай умидлар билан кутаётганини Юсуф сезди. Қизча келиб, Илёс йўқлигини айтганда, хотинининг кўзларидаги савол аломатини осонликча англаш мумкин эди. Юсуф дастурхон устидаги меҳмонларнинг гапларига қулоқ тутди — ҳамма одамлар интиқлик билан Масиҳнинг келишини, халқни қулликдан озод қиладиган ва бало-офатдан қутқарадиган Шоҳни кутишарди. Марям Юсуфга қаради, эрининг юраги сиқилди. Чунки ҳар йили унинг ёдига пайғамбар Ишаёнинг гаплари тушарди. Гоҳида Юсуф Марямни, қолганлар сингари, Масиҳнинг келишини, шоҳ Довуд каби Парвардигорнинг душманларини фош этиб уларни йўқ қилишига ишонишини билгиси келарди. Масиҳ Фисиҳ байрамида келишини руҳонийлар таъкидлашган. Муқаддас Китобда ёзилишича, Масиҳни дунёга бокира қиз келтиради. Масиҳ илон қиёфасидаги шайтоннинг бошини танасидан жудо қилади. Лекин бу нимани англатади? Бу қандай содир бўлади? Ҳар гал Фисиҳ байрамида иштирок этганда, нима учун Юсуфнинг юраги оғрийди? Қуйидаги саволларга Юсуф жавоб тополмас, нега бундай холат юз бераётганини топишга ақли ожиз эди. Парвардигорнинг ниятини ким ҳам биларди? Аммо Юсуфнинг бир нарсага ишончи комил: Масиҳ шу ерда! У шу дастурхон атрофида ўтирибди! У шу байрамда! Бизга нажот берадиган Кимса ҳозирда гуноҳларимизни ювиш учун келтирилган қурбонлик қўзисининг гўштидан тановул қилмоқда! Ҳозирда У хамиртурушсиз нон тановул қилиб мусаллас ичмоқда! Ҳозир бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Ҳамманинг назарида Исо оддий, ўн икки ёшли бир бола, ўз тенгқурларидан ҳеч фарқ қилмайди, Тавротни ўқийди, отаси билан меҳнат қилиб, римликлар зулмидан қулликда улғаяётган бола эди. Исо. Масиҳ. Худо биз билан бирга. Ўтган йиллар давомида Юсуф фариштанинг сўзларини аниқ эслаб юради. У олган билимларидан ҳаяжонланиб титрайди. Байрамнинг саккизинчи куни ҳам Яҳё эшикдан ташриф буюриб келмади. Фисиҳ байрами қурбонликка келтирилган қўзичоқ олдида давом этаётган эди. Бу қўзичоқнинг қонини Худонинг берган ваъдасига ишонадиганлар эшик кесакиларига суртишар эди. Қўзичоқ…қизил қон рангидаги мусаллас… хамиртурушсиз нон. Юсуфнинг юраги санчди. Исо кўзларини кўтариб отасига қаради. Лекин негадир бир дақиқа Юсуфнинг кўзига Исо ўлик Ўғилдай кўринди. Юсуфнинг қалбида Ўғлига бўлган севгиси тўлиб-тошди. Юсуф бир сесканиб, юрагимдаги қаттиқ оғриқни енгай, ўзимни қўлга олиш керак, деб кўзларини юмди. Эй, Худойим, Парвардигорим… Эй, Парвардигор, Парвардигор… Байрам зиёфати иззат-икром билан осойишта ўтарди. Абиё сочиққа ўралган тузсиз лочира нонни сочиқ тагидан олди. Сўнг уни синдириб, ҳаммага бир тўғрамдан берди. Юсуф хамиртурушсиз нонни ер экан, ўзича: «Қачон қолган одамлар ҳам Марям икковимиз ўн икки йилдан бери билган ва гувоҳи бўлган воқеадан хабар топишар экан», деб хаёлидан ўтказди. Масиҳ шу ерда! Масиҳ биз билан! Ҳадемай, У Ўз халқини қулликдан озод этади! * * * Марям байрамдан хотинлар билан бирга қайтаётган эди. Ёлғиз юришдан кўра қариндош-уруғлар билан сайр қилиш бехавотирроқ. Ёқуб билан Юсуф, бошқа болалар сингари, олдинда югуриб кетишарди. Марям эрталабдан буён Исони кўрмади, балки У амакиваччалари билан келаётган бўлса керак, деб ўйлади. Байрам ҳафтаси давомида она Унга Қуддус бўйлаб амакиваччалари билан айланиб юришга ижозат берган. Айниқса, ҳозир уйга қайтишаётганда, Уни қўлидан тутиб юриш бефойда. Исодан қайғуришга сабаб ҳам, ўрин ҳам йўқ. Шунинг учун Марям Жалилалик қариндошлари билан учрашганда, анча хотиржам эди. Энди улар билан Марям яна бир йилдан кейин учрашади, шунинг учун чин юракдан дардлашмоқчи. Улар Яҳудо қабиласи ерига яқинлашганларида, Марям жиянларининг орасида Исони учратмади. — Сизлар Исони кўрмадиларингизми? — Биз Уни кечадан бери кўрганимиз йўқ. Марямни қалтироқ босди. — Кечадан бери? Демак, У бугун кун бўйи сизлар билан бўлмаган эдими? — Ҳа. У бизнинг олдимиздан кетган. Уни бошқа кўрмадик. Исо Юсуф билан бирга эмасми? Марям эрининг олдига югурди. Лекин Юсуф ҳам кун бўйи Исони кўрмабди. — Ёқуб! Юсуф! Она олдига югуриб келган кичик ўғилларидан Исони сўради. Аммо катта аканинг қаердалигидан уларнинг ҳам хабари йўқ экан. — Оҳ, Юсуф! Ҳеч қачон У бундай қилмаган эди! У қаерда бўлиши мумкин? — Балки У Қуддусдадир. — Йўқ, У бахтсиз ҳодисага учраган бўлса керак! Оҳ, Юсуф! Нега мен Унга кўз-қулоқ бўлмадим-а? Юсуфнинг юзидаги ажинлар бирдан яна ҳам чуқурлашиб кетди. Марям худди ўзи каби эрининг ҳам безовталанаётганини сезди. Эр-хотин Марямнинг опаси ва поччасиникига боришди. То Исони Қуддусда ахтаргунларича қолган болаларига қараб туришларига улардан ижозат сўрашди. Эр-хотин Исони топиб келишмагунча Клеоп билан Марям Ёқубни, кичкина Юсуфни ва Ханнани ўзлари билан олиб ўтиришга рози бўлишди. — Исони, балки, байрамона шаҳар ҳаёти чалғитгандир, — деди Марямнинг опаси. — Ҳозир, мен ўйлашимча, У шу ёққа шошяпти. Эрталабгача етиб келса керак. Марям кечаси билан ухлолмай алахсираб чиқди. — Исо? Юсуфнинг ҳам туни бедор ўтди. У эрталаб вақтли туриб Клеопни уйғотиб, кетяпмиз, деб айтди. Болаларига, фақат амакингнинг орқасидан боринглар, деб тайинлади. — Исони топганларингиздан кейин калтакни аяманглар, яхшилаб Унинг тазирини беринглар, — деб уларнинг кетидан бақирди Клеоп. Марям ва Юсуф Қуддусга кун ботгунча кириб келишди. Дарвозалар ёпилмасдан шаҳарга кириб олишга улгуришди. Улар тўғридан-тўғри, Исо ўша ерда бўлса керак, деб Абиёнинг уйига йўл олишди. Марям Ўғлининг у ерда ҳам йўқлигини билгач, уввос тортиб йиғлаб юборди. «Фарзандимни ахтариб топишга ёрдам беринглар!» деб атрофдагилардан илтимос қилди. — Сизлар Уни ҳозир ахтаришга чиқолмайсизлар, — деди Абиё. — Агар сизлар ҳозир уйдан кўчага чиқсангизлар, рим аскарлари сизларни қўлга тушириб сўроқ қиладилар. — Ўғлим йўқолсаю қандай қилиб мен уйда тинчгина ўтира оламан?! — Марям қўллари билан юзини беркитди. — Унга нима бўлдийкан-а? Юсуф хотинини қучоқлади. — Эртага эрталабдан биз Уни яна излаймиз. Марям эрининг пинжига кирди. — Қандай қилиб мен бунга йўл қўйдим-а? — Жонгинам, қўрқма. Худонинг Ўзи бизнинг Боламизни асрайди. Юсуфнинг ҳақлигини Марям биларди. Аслида, онанинг ёмон хаёллари ўнгидан келмас эди. Шундай бўлса, нега у хавотирланади? Аёл яна Шимўннинг сўзларини эслади: «Қурол сенинг ҳам қалбингни яралайди». Эвоҳ, Ўғлининг тахтга ўтирганини кўрмай она ўлиб кетадими? Ёки кекса башоратчи шу воқеани назарда тутганмикан? Худо ато этган Ўғилни эҳтиёт қила олмагани учун Марямни қўрқув ва уят ҳисси чулғади. — Сен дам олишинг керак, жонгинам, — деди юмшоқлик билан, лекин қатъий равишда Юсуф. Марямнинг хаёли паришон, эри билан тортишиб баҳслашишга куч-мадори ҳам йўқ. У шундай чарчаган эдики, оёғида зўрға турарди. Ўғлини ахтаришни давом эттириши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. У хўнграб йиғлаб юборди. Эй, Худойим! Уни йўқотиб қўйганим учун мени кечир. Унга кўз-қулоқ бўлолмаганим учун ҳам мени кечир! * * * Абиё Марям билан Юсуфга, Исони бозордан қидиринглар, деб маслаҳат берди. Чунки катта гавжум шаҳарга келган болаларнинг кўпчилиги айнан бозорга йўл оларди. Бозордагиларнинг югуриб-елиши, савдогарларнинг ўз молларини мақташию, харидорларнинг иложи борича арзон гаровга нарса сотиб олиши ёшларни бозорга жалб қиларди. Марям билан Юсуф кун бўйи бозорда изғиб юришди. Тор кўчаларда жойлашган, сопол идишлардан тортиб то тилла тақинчоқлар ва озиқ-овқатлар сотилаётган дўконларни кезиб чиқишди. Аммо бозорда ҳам Исо йўқ эди. Марям ва Юсуф ибодатхонага боришди. У ерда ҳам Исо Фисиҳ байрамини бирга ўтказган дўстлари ва тенгқурлари орасида йўқ эди. Ота-онаси Уни ахтариб рим аскарлари машғулотларини диққат билан кузатаётган болалардан ва ибодатхонанинг ҳовлисида ўрнашиб олган саррофлардан сўраб-суриштиришди, мол-қўйлар учун қурилган қўтонлардан излашди. Исо Яҳёни учратиб қолдимикан, деб ўйлаб Юсуф билан Марям ёбусларнинг олдига жўнашди. Тарки дунё қилган бу дарвешлар ҳали Ўлик денгиз тепалигида жойлашган маконларига қайтиб кетишмаган эди. Бу жойларнинг биронтасида ҳам Исо йўқ эди. Марям билан Юсуф у жойдан-бу жойга югуриб юриб Худо берган Ўғлини ахтаришаверди. Ҳар дам она тинмай ибодат қиларди. Исога бирор нима бўлиши мумкинлигини ўйласа, Марямнинг кўз олди қоронғулашиб, уни ваҳима қамраб оларди. Исо ҳали жуда ёш. У қувликни билмайдиган содда Бола. — Ҳа, азизам, — Юсуф хотинининг гапларини тасдиқлади. — Лекин Унинг ақли-хуши жойида. Шундай бўлса-да, хавотирликдан Марямнинг томоғидан на овқат ўтарди, на кўзларига уйқу келарди. — Исонинг қачон биздан орқада қолиб кетганини ҳам билмайман. Қандай уят, шармандалик! Мен Уни бизнинг қариндошларимиз билан бирга, деб ўйлабман. У ҳамма билан келяпти, деб ишонган эдим. Сўнгги бор Уни якшанба куни эрталаб, йўлга чиқишга нарсаларимизни йиғиштираётганимда кўрган эдим. Балки У менга нималардир деган бўлса керак. Албатта, У менга алланималарни гапирди. Фақат мен эътибор қилмагандим. Нега энди мен Унинг гапларига қулоқ солмадим? — Ўзи ўша куни ҳамма ҳовлиқиб йўлга тайёргарлик кўраётган эди. — Юсуф хотинини маҳкам қучди. — Марям, Марям! Эгамиз У билан! — Эгам Уни мендан олиб қўяди, деб қўрқяпман. Марям эрига ёпишиб, кўзларини юмди. Балки энди унинг болалари кўпайган пайтда, қолаверса, яна ҳомиласининг ташвишлари билан овунсин, деб Худо Исони Марямдан узоқлаштиряптимикан? Ёки Исони куч-қудратга тўлсин деяптимикан? Қалбининг туб-тубида Парвардигор доимо Уни, қаерда бўлишидан қатъий назар, У билан биргалигини, Унинг ҳаёт-мамоти Самовий Отасининг қўлида эканини Марям тушунарди. Лекин бирибир у хавотирланар, Худодан нажот сўрар эди. Эй, Парвардигор, Исроилнинг Худоси! Мен Ўғлимни кўргим келяп-ти. Сенга илтижо қиламан, менинг Ўғлимни ўзимга қайтариб бер! Эртаси куни эрталаб Абиё дўсти билан ибодатхонада гаплашганини айтди. — Элиҳакимни айтишича, у Исони ибодатхонада кўрган экан. Марямнинг юраги тез уриб кетди. У умиддан қанот чиқариб, тезлик билан бошига ёпинчиғини ёпдию кўчага отилди. Юсуф унинг кетидан эргашди. Она учарди, аммо биқини санчигач, қадамини се-кинлатди. Биқинидаги оғриқ сал босилгач, у яна оёғини қўлига олиб югурди. Оломонни итариб ўтиб, Марям ибодатхона жойлашган тоққа зинапоядан кўтарила бошлади. У ибодатхонанинг йўлакларида у ёқ-бу ёққа қарар, Ўғлини топиш учун Худодан нажот сўрарди. Ниҳоят, она Уни устозлари орасида ўтирганини кўрди. Марям кўзини узмай Исога тикилиб турди, унинг юраги ҳаддан ташқари қаттиқ урарди, ҳар бир нафас чиқарганда ўпкаси ачишиб кетарди. Она тик турганича овоз чиқармай, Исони сақлагани учун Худога шукроналар айтди. Исо бу одамлар билан қизиқиб суҳбат қураётганини, на онасига, на ёнида турган Юсуфга аҳамият берганини кўрган Марям таажжубланди. У сизлардан ҳаттоки хавотирланмадими? Марям Ўғлини жимгина туриб кузатар экан, унинг кўз ёшлари юзларини куйдирди. У шу ерда экану, биз Уни қидириб, шунча вақтдан бери қаерларни кезиб чиқмадик-а? Қариндош-уруғларини, қолаверса, ота-онасини огоҳлантириб қўйиш ёки Уни чин дилдан яхши кўрган оиласи кетидан етиб бориш хаёлига ҳам келмадимикан? Сизларнинг ҳис-туйғуларингиз Уни қизиқтирмайди. Сизлар билан Унинг иши йўқ! Сиз У учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмассиз. Сизларга шунча ташвиш келтиришга Унинг қандай ҳадди сиғди! Марямнинг жаҳли чиқди. Исонинг ота-онасига нисбатан бун-дай муносабатда бўлишга қандай ҳадди сиғди? Марям қўлини эрининг қўлларидан тортиб олиб, олдинга қадам ташлади. Яқинлашиб келаётган Марямни кўргач, эркаклар гапларини тўхтатишди. Исо кайрилиб қараган эди, У онасини кўриб қолди. У жилмайиб ўрни-дан турди. Марямнинг шунчалик жаҳли чиққан эдики, Уни яхши-лаб силтаб ташламоқчи бўлди. Онасини қанчалар қўрқитиб юборганини У билмайдими? Оналик ҳис-туйғулар У учун ҳеч нарса эмасми? — Ўғлим! — деди Марям титроқ овоз билан. — Сен нега бизни мушкул аҳволга солиб қўйдинг? Отанг билан мен Сени қанчалар ҳавотирланиб излаганимизни билсанг эди. Қаранглар, У сизларни асло писанд қилмаяпти! Марям бош чайқади. Ўғлининг кўзларида она афсусланиш ҳиссини кўрмади, У нималар ҳақида ўйлаётганини ҳам онаизор тушуна олмади. Исонинг уйи Қуддусда эмас, Насрода. — Юр, кетдик, — деди Юсуф Исонинг елкасига қўлини қўйиб. — Клеоп билан холанг синглинг ва укаларингга қараб ўтиришибди. Уларнинг ҳаммаси сендан ҳавотир олишяпти. Марям Ўғлининг қўлидан ушлади, улар эшик томон йўл олишди. Она бармоқлари билан Унинг қўлларини маҳкам қисиб олган эди. Исонинг қўлини қўйиб юборишни хаёлига ҳам келтирмасди. Бешинчи боб Кейинги ёзда Марям яна бир қиз кўрди. Унинг исми-ни Сора қўйди. Онаси синглисини эмизаётганини кўрганида, Ханна доимо лабларини буриб аразларди. Чақалоқ бармоғини сўрганига тақлид қилиб, Ханна ҳам бош бармоғини сўрадиган бўлди. Соранинг милки қичиб, тиши чиқаётганда, отаси қўлбола қилиб ўйинчоқ ясаб берди. Ғайрлиги келган опача шу ўйинчоқни ҳам тортиб олиб қўйди. Ўғил болалар онасининг диққатини жалб қилиш ниятида тез-тез бир-бирлари билан жанжаллашиб уришишарди. Яна ўн саккиз ой ўтгач, эгизаклар Салмон ва Яҳудо туғилди. Бу вақтга келиб Марям аччиқ бўлса-да лекин ҳақиқатни англади: фарзандлари орасида фақат Исо меҳрибон Ўғил чиқди. Унинг укалари ва сингиллари узоқ вақт итоаткор, гапга кирадиган мўмин фарзандлар бўлиб қола олмас эдилар. Онасига итоат этиб муносиб тарзда ақлли болалар, қизлар бўлиб ўтирамиз, деб ваъда берган бўлсалар ҳам, эртами ёки кечми барибир, яна инжиқлик, хархашалар бошланарди. Шуни тан олиш керакки, Исонинг меҳрибонлиги ва Унинг табиатидаги қуйидаги фазилатлар — садоқат, итоаткорлик, билимга ташналик, ҳаммага фойда келтириши Марямнинг педагогик моҳиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Ёқуб ўз хулқ-атвори билан онасининг жаҳлини чиқариб ғазаблантирарди. Юсуф, Ханна, Сора, Салмон ва Яҳудолар, бола табиати ўзгарувчан бўлади, деган ҳақиқатни яққол исботи этган эдилар. Исо Ўз йўлини қалбида уриб турган Парвардигорнинг юраги ёрдамида топди. Бошқа болаларига эса Марям ижобий ёндаша олмади, улар гуноҳдан юз ўгиришмади! Улар тинмай жанжаллашишар, муштлашар эдилар. Катталар уларнинг беадабликларини гувоҳи бўлиб қолишса, болалар айёрлик қилиб ўзларини оқлашга ҳаракат қилишарди. Фарзандлар айтганларини қилиш ниятида ҳиқиллаб йиғлаб ҳам қўйишарди. Ёмон хулқи учун уларни жазолашсалар, онамиз бизга қараганда Исони кўпроқ яхши кўради, деб баҳона топишарди. Марям уларни яхши гап билан ҳам, эркалатиб ҳам, ҳатто калтак билан ҳам меҳрибонликка ва раҳм шафқатга ўргатиши қийин бўлди. Лекин Марямнинг ҳамма болалари ақлли, серғайрат эди. Аммо Исо Худога сажда қилиб кўнглини очган бир пайтда, Унинг укалари ва сингиллари ўзларининг кўнгилхушликлари билан банд бўлар эдилар. Болалар гарчи эътиборли ва меҳрибон бўлишган вақтда ҳам, уларнинг худбинликлари яққол сезилиб турарди. Неча марта уларга бақириб юбормаслик учун Марям ўзини қўлга олишга харакат қилганини санаб, саноғига етолмасди: «Нега сизлар Исога ўхшамайсизлар?» Ўз болаларини шундай хулқ-атвори учун айблашга нима ҳақи бор, устига устак, ҳар бир фарзандида, Исодан ташқари, Марямнинг ҳаёти акс этиб турган бўлса? Лекин қайсар бўлишса ҳам, она учун фарзандлар бебаҳо ҳисоб-ланади. Марям уларнинг ҳаммасини бирдай яхши кўрарди. Улар Марямнинг ва Юсуфнинг болалари эди. Она ўзига ўхшаш аёлларга назар ташлаганда, Марямнинг ва уларнинг ҳолати бир хил эканлигига гувоҳ бўлар эди. Яшаш — бу тинмай курашиш демакдир. Ҳар бир бола нафақат шодлик, балки янгидан-янги ташвиш ҳам келтирарди: уларни едириш ва ичириш, кийинтириш, керакли бўлган таълимни бериш, тўғри йўлга солиш лозим эди. Юсуфдан бўлган ҳеч бир боласини Марям тақводор дея олмасди, биронтасини ҳам! Улар дунёга келган вақтдан бошлаб ўз хоҳишларини намоён этишаётганига Марям гувоҳ бўлар эди. Сўнг улар эмаклаб атроф-муҳитни ўрганишди. Уларга бирор зарар келтириши мумкин бўлган нарсага интилишди. — Йўқ, йўқ, — деб ўргатарди Марям. — Мумкин эмас. Унинг ўғли ёки қизи онасига мафтункор жилмайиб ҳамон тақиқланган нарсани ушлашга интиларди. Гоҳида Марям болаларининг тиришқоқлигидан кулгиси келса, гоҳида эса кўз ёш қиларди. Баъзида шунақанги аччиғи чиқардики, онада уларни жеркиб, сўкиш ҳисси жўш уриб кетарди. Марям сид-қидилдан болаларига қонун ҳақида ўзи билганларнинг барини ўрга-тишга харакат қилди. Доимо Худодан фарзандларига соғлик сўраб ибодат қиларди. Ҳар куни ўғил-қизларининг ривожланиб боришларини кузатарди. Шу билан бир қаторда ўз хулқ-атворига ҳам катта эътибор берарди. Бордию Худонинг йўлидан юришни болаларига ўргатсаю, ўзи бу йўлдан бормаса, унда нима фойдаси бор? Йиллар ўтган сари, Марям диққат билан Исони кузатиб бораверди. Фақат У баркамол Ўғил эканлигини, она эса ўзини бошқа аёллар орасида энг бахтли ва Худонинг марҳаматига сазовор бўлганлигини англади. Исога қараганда, Марямнинг юраги шодликка тўлиб кетарди. Иброҳимнинг, Исоқнинг ва Ёқубнинг Худоси айнан Марямни танлаганига у ҳанузгача ажабланади. У ўзга аёлларга ўхшаган оддий аёл, болалари каби комил эмас. Шубҳасиз, Худо уни синаб, яна бир бор сабоқ берди. Марям ўзининг устидан ўзи кулди, Худо унга яна Исодан бошқа фарзандлар кўришига имкон бергани учун Яратганга шукроналар айтди. Чунки Исонинг баркамоллиги Марям ва Юсуфнинг хизмати синганидан эмас, балки ердаги инсонлардан Исонинг баландга кўтарилгани ва марҳаматлангани Парвардигордан эканлигини Марям жуда яхши тушунарди. Исо — Худонинг Ўғли, Уни Марям бу дунёга келтирган. Кундалик ҳаёт доимо бир ташвиш ёки безовталик келтириб турарди. Лекин ҳаётнинг оғир сўқмоқлари аёлнинг ишончини янада мустаҳкамлар, оддий ёғоч ғўласи Юсуфнинг қўлида ажойиб кўзага айлангани сингари, Марямнинг иродаси ҳам тобора мустаҳкамланиб борди. Эгамиз аёлнинг руҳини янгилаганини она тушунарди, иложи борича фарзандларини ҳақиқат йўлидан дадил юришларига ундарди. Аммо барибир, вақти келганда, Марям ўзини тута олиши, фурсат етмасдан Парвардигорнинг ниятини тезроқ амалда кўриш мумкин эмаслигини, бу борада шошмашошарлик қилмаслигини тушуниб етиши лозим эди. Эй, Парвардигор, Ўғлим Исонинг довруғини кўришим учун менга узоқ умр беришингни илтижо қиламан. Қачонлардир Марям пайсалга солиб ўтирмай, Худога осонликча итоаткорлик қилиб, Унга «ҳа» деб рози бўлган. Ана энди бўлса ўша жўшқин ишонч туфайли тезроқ Эгамизнинг нияти амалга ошиб, оламни Инсон Ўғлига, Парвардигорнинг Ўғлига бўйсунишини кўришга онаизор ошиқяпти. Эй Парвардигор, қачон? Қачон Сенинг Ўғлинг тахт эгаси бўлади? У адолат ўрнатиб бизни озод қилишини яна қанча кутишимиз керак? Яна қанча вақт Сенинг Ўғлинг устахонада менинг эрим билан ишлаб хонтахта, курси, бўйинтуруқ, омоч, эшик ва панжаралар ясаб юради? Қачон шоҳликни ўрнатиш вақти келади? Яна қанча вақт У устахонани супуриб, ерларни то олдинги Адан боғига ўхшаши учун тозалаб юради? Золимларнинг зулмидан У қачон Исроилни озод этади? Эй, Парвардигор, қачон? Айт, қачон? Бора-бора Марямнинг бетоқатлиги шунчалар кучайдики, бир куни у ўзини тўхтата олмай Исодан сўради: — Кимлигингни Ўзинг биласанми? Нега Исо бу саволдан кейин дарров сергак тортиб қолди? Нега У онасига ҳам меҳрибонлик, ҳам хавотирлик билан боқди? Марям Уни хафа қилмоқчи эмас. Она фақат сўрамоқчи… Гоҳида Исо онасига шундай қарашлар қиларди. Ана ўшанда Унинг дилини оғритгандай туюларди Марямга. Нима учун бундай? Ким Уни онасидан кучлироқ севади? Ким Унга онасичалик содиқ ва меҳрибон бўла олади? Марям Ўғлининг олдига яқин келди. Унинг қўлини ушлаб кафтини очди, дағаллашиб кетган қадоқларини силади. Нега энди Масиҳнинг қўллари оддий хизматкорнинг қўлига ўхшаган бўлиши керак? — Эҳ, Исо, Шоҳнинг қўлларида шундай қадоқлар бўладими? Ўғил онасининг елкаларидан силади. — Мен — Ўз Отамнинг Ўғлиман. Марям Унинг кўзларига тикилганича ўйланиб қолди. У кимни назарда тутди: Худоними ёки Юсуфними? Яна бир бор У бу дунёга нима учун келганини Ўзига сўзлаб бериш даркормикан? У Ўзлигини қачон намоён қилишини бутун халқ кутаётганини Унга айтиш лозимми? Барча одамлар қаторида онаси ҳам бунга интизорлигини У билармикан? — Сен менинг ҳам Ўғлимсан, Исо. Мен фақат Сен лойиқ бўлган илтифотни Ўзингга намоён қилишларини кўрмоқчиман, холос. Унинг куч-қудрати намоён бўлаётганига Марям гувоҳ бўлиб турарди. Ҳатто буюртмачилар ўз қарзларини беришмаганда ҳам ёки рим аскарлари оиладаги йиғиб қўйилган озиқ-овқатларни тортиб олишган тақдирда ҳам, қорин тўйдириш учун уларнинг уйида доимо егулик нон, чанқоқни босиш учун ичимлик сув топилади. Қоронғу кечаларни ёритиш учун чироққа етгулик ёғ бор. Римликлар ертўладаги челак ва хумларни бўшатиб кетишган тақдирда ҳам, улар ҳеч нарсага зор бўлишмас эди. Исо улғайиб кучга тўлгани ва доно бўлиб бораётгани билан, барибир, ҳаёт кечириш осонлашмасди. Қайтанга, Унинг яшаш учун кураши тобора шафқатсиз бўлиб бораётгандай туюларди. Ғалабаларга У осонликча эришмас эди, лекин бу тўғрида на Марямга, на Юсуфга Исо гапирмасди. Ўз қонуний ўрнини У эгаллагандан кейин одамларнинг ҳаёт кечириши осонлашармикан? — Пайғамбар Шомуил Довудни шоҳликка қабул қилиш учун унга ёғ суртганда, Довуд ҳали ёш бола эди, — деди Марям. — Ҳа, у то улғайиб, куч-ғайратга тўлиб, ҳақиқий шоҳ бўлгунга қадар, ўн йилдан ошиқ вақт ўтди. — Сен баркамолсан. Сен ҳозир тайёрмисан? — сўради она. Исонинг пешонасидан маржонга ўхшаб тер чиқди. — Менинг вақтим ҳали келмади, онажон. — Унда қачон келади, Исо? Қачон Сенинг вақтинг келади? — Менинг вақтим ҳали келмади, — деб яна қайтарди У. Нега Унинг кўриниши бунчалар маъюс? Марямнинг бетоқат-лиги ошди. У Ўғлини яхшилаб силтаб Уни гапиришга мажбурламоқчи бўлди. Онанинг, шубҳасиз, Ўғли кўнглидагини билишга ҳақ-ҳуқуқи бор. — Сени бу дунёга нима мақсадда келганингни билиб олишинг учун яна қанча кутишим керак? — Она, сиз Мени қийнаяпсиз. — Ҳа, тўғри. Лекин мен Сенинг бахт-саодатингни кўзлаб Сени қийнаяпман. Наҳотки она ўз Ўғлини халқ олдидаги бурчини адо этиши учун даъват этмаса? Аммо, Ўғилгинам, мен Сени яхши кўраман. Мен Сени қанчалик яхши кўришимни Ўзинг билсанг керак. Сени деб Юсуф ва мен кўп нарсадан воз кечдик. Аммо баъзида мен ўзимга ўзим, Ўғлим Кимлигини Ўзи билармикан, деган саволни бераман. — Онажон… — Мен кўрмоқчи бўлганим — бу фақатгина адолатнинг ғолиб чиқиши. Ёки нотўғрими? — Сиз кутишингиз лозим. — Кутавериб чарчадим! Исо, атрофга боқ! Ўзингнинг халқинг қанчалик азоб чекаётганини кўргин! — онанинг овози ҳаяжондан қалтиради. Марям мушкул аҳволдан ўзини олиб чиқиб, қўлга олиш ниятида тескари қаради. — Исо, қачон? Сен менга фақат қачонлигини айтсанг бўлгани! Мен Сени бошқа қийнамайман… — она бурилиб Ўғлига тикилди. Марямнинг кўзларида ёш йилтиради. — Сендан илтимос қиламан. Исонинг тим қора кўзлари намланди. Чаккаларидан тер оқиб тушарди. — Менинг вақтим келмади, — деб яна қайтарди Исо. Унинг овозидаги қандайдир ҳаяжон Марямнинг қалбини ларзага келтирди. Она бу саволга Ўғлидан жавобни талаб қилиб, қайтанга Уни яна ҳам баттарроқ қийнаб қўйганини тушунди. Саросимада қолган, дили сиёҳ бўлган Марям бошқа бир сўз айтмади. Она жимгина ўрнидан турди-да, Юсуфнинг олдига кетди. Марям эридан, Исо билан ўзингиз гаплашиб кўринг, деб илтимос қилди. Юсуф доим Исонинг кўнглини топарди. Шубҳасиз, Исо Юсуфга айтса керак. — Сен бу тўғрида Ундан сўрамаслигинг керак эди. — Нега энди? Мен Унинг онасиман. — Унинг вақти келганини Худонинг Ўзи Унга билдиради. — Исо ҳокимиятни қўлга киритиши биланоқ адолат ўрнатишини ўзингиз била туриб, қандай қилиб чидаб юрибсиз? Юсуф, атрофга қаранг! Биз ҳозир Унга муҳтожмиз. — Мен Ундан: «Нега Сен ҳозир Ўзлигингни намоён қилмаяпсан?» деб сўролмайман. Юсуфнинг сўзларидаги қандайдир туйғу Марямни сергаклантирди, у эрининг кўзларига тикилиб қаради. — Сиз ҳам, буни ҳозир билишга менинг ҳаққим йўқ, деб ўйлаяпсиз, тўғрими? Қачонлардир Адан боғида Момо Ҳаво йўлдан адашган эди. Ана энди Марям васвасага тушмаяптимикан? — Ҳа, мен шундай ўйлаяпман, — деди Юсуф босиққина, лекин қатъият билан. — Сен Исони туққанинг билан, Унга ҳаётни Худо берган, Худонинг Ўзи У нима қилишини ҳал этади. Ҳаммасини Парвардигорга қўйиб бер, Марям, — деди Юсуф ва Марямни бағрига тортди. — Парвардигор Исога Унинг вақт-соати келганини Ўзи айтади. Сен шошилмагин. Марям эрининг кўкрагига бошини қўйди, унинг юраги дукиллаб уришини эшитди. У чуқур нафас олар экан, ўз ҳаётидаги воқеаларни мулоҳаза қилиб узоқ вақт жим турди. Парвардигор фақат бир маротабагина Марям билан гаплашган, Юсуф билан эса унинг пойқадамини йўналтириб тўрт маротаба сўзлашган. Марямнинг эри Парвардигорнинг ҳоҳишини тушуниб яшашга интиларди. Юсуф Исони қаттиқ севишини, Марямни ва ўз фарзандларини яхши кўришини ҳам аёл биларди. Парвардигорнинг Ўзи Марям учун шундай эрни — Юсуфни танлади. Қолаверса, у оила бошлиғи, шунинг учун хотин эрининг насиҳатларига қулоқ тутиши керак. * * * Юсуф Исони ва Унинг бир қориндан талашиб тушган укаларини, сингилларини доим кузатиб туришни яхши кўради. Уларнинг ўйинлари ва шўхликлари Исони кулдиради, Унинг кулгуси овозидан Юсуф жилмаяди. — Болалар, тинчланинглар, Акангиз ўтириб олсин. — Акажон, бизга Довуд ва Гўлиёт ҳақида сўзлаб беринг! — деб илтимос қилди Ёқуб Исодан. — Йўқ! Бизга Ёшуа Нун ва Ерихо ҳақида гапириб беринг. Болакайлар уруш ҳақидаги ҳикояларни диққат билан тинглашни яхши кўришар эди. — Акажон, илтимос, бизга яна бир бор Нуҳ ва унинг кемаси тўғрисидаги ҳикояни сўзлаб беринг, — деди Ханна Унинг пинжига кириб. — Илтимос… — Сен бу ҳикояни жуда кўп эшитгансан, — деди жаҳли чиққан Ёқуб. — Жонимга тегди бу ҳикоя! Исо эгизакларни иккала тиззасига ўтирғизиб олди. — Келинглар, бошидан бошлаймиз… Юсуф Исога тикилиб қараб турар экан, гоҳида бу йигитча ўз ўғли эмаслигини, балки Парвардигорнинг Ўғли эканлигини эсидан чиқариб қўярди. Буни эслаганда эса, Юсуф кучга тўлганини ҳис қиларди. Исо укалари ва сингилларига Тавротни ўқиб бермас эди, аксинча, Ўзи ёзгандай содда, тушунарли қилиб сўзлаб берарди. Баъзида эса Исо Ўзидан қўшиб гапирарди. Шунда Унинг ҳикояси Тавротдаги воқеаларнинг гувоҳи бўлгандай табиий чиқарди. Юсуф хотинига қаради. У тўқув дастгоҳида ишлаб ўтириб жил-майганича дунё пайдо бўлиши ҳақида Исонинг ҳикоясини тинглаяпти. Исо олдин ернинг хунуклигини, қақраб кетганлигини, тубсизлик устидаги зулмат тўғрисида сўзлаб берди. Унинг гапларидан Юсуф титраб кетди. Исонинг атрофида Юсуфнинг пушти камаридан бўлган болалар ўтиришарди. Исо Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган, лекин Юсуф бу ҳолат нимани англатишини тушуна олмайди. Мана Исо ўн беш ёшга тўлди. Унинг ёноқлари ва қора кўзлари онасиникига ўхшарди. Насрода ўзини катта тутиб, гердайиб юрадиган, ўзига ишонган ва саноларни ёддан билиб, ҳатто Худонинг иродасини биз биламиз, деган одамлар ҳам кўп учраб туради. Одамларнинг: «Тезроқ Масиҳ келсайди!» деб орзу қилганларини Юсуф бир неча бор эшитган. Худди шу тарзда Худо Исроилдан нималарни кутиши тўғрисидаги баҳслар ҳам қулоғига чалинган. — Биз римликларнинг зулмини елкамиздан ағдариб ташлашимизни Худо хоҳламаяпти! — Биз изтироб чекяпмиз, чунки Парвардигорнинг ҳукми шундай. — Нима, биз кам азоб чекдикми?! Агарда биз қўзғолон кўтариб уруш бошласак, наҳот Худо бизни қўллаб-қувватламайди? — Тентак! Сен ким бўлибсанки, Худо нима қилади ёки нимани қилмаслигини айтиб берсанг? — Демак, биз қўл қовуштириб ўтираверар эканмиз-да! Римликлар бўлса оғзимиздаги сўнгги тишлам нонимизни ҳам тортиб олишаверсин экан-да? — Биз кутишимиз керак. — Ҳа, биз яна қанча кутишимиз мумкин? Қанча? Юсуф кўзларини юмди. Ўтирганича ўзини орқага ташлаб суянди. Бугунги кун оғир бўлди: у Сепфорисга бориб келди, энди чарчаганидан ўзини ёмон ҳис қиляпти. Юсуф бугунги олган динорлари учун Худога шукроналар айтди. Лекин бугунги ишлаган пули оиласини боқиш учун зўрға етди. Бугунги берган иши учун ҳам Юсуф Парвардигорга шукрона айтди. Ҳаммасидан ҳам Юсуф билан оила ташвишларига шерик бўлган Исо учун миннатдорчилик билдирди. Яна Юсуфнинг қўллари оғрий бошлади. Бармоқлари увишиб, томирлари тортишди. Оғриқ кучайганидан-кучайиб, юқорига урди ва кўкрагини қамраб олди. Юсуф астагина қўлини силаб, чуқур нафас олди. Эртага шанба, у дам олиши мумкин. Юсуф тўпланишиб Исони ўраб ўтирган болаларига қаради. Уни яна бир бор ўша фикр ҳайратда қолдирди. Ҳаммасидан яхши кўрган Бола, минг афсуски, унинг ўғли эмас. Менинг Ўғлим, лекин аслида менга ўғил эмас. У қуруқ ва унумсиз ердан ўсиб чиққан нафис, яшил кўчат каби шу кичкинагина шаҳарчада катта бўлди. У бошқа болаларга жуда ўхшарди. Кўринишидан У барно ва келишган ҳам эмас эди. Одамлар Унга қарашганда, оддий дурадгорнинг ўғлини кўргандай бўлишарди. У гапирганда, укалари ва сингилларидан бошқа Уни ким ҳам тингларди?! Исо оддий одамлардек, яъни бизлардек эмаслигини ҳатто болалар ҳам тушунишмасди. У Ўшанинг: «Менинг Исмим абадий», деганнинг Ўғли. Худо У билан! Худо биз билан! Вақти-соати келиб, У Ўзини халқлар олдида намоён қилганда, одамлар Уни тан олишармикан? Айнан шу саволни Юсуф ўзига берганда, унинг ёдига Ишаёнинг сўзлари тушади. «Уни ҳеч ким менсимайди, одамлар Уни ерга уришади, У дарду хасталикларни бошидан кечиради… Лекин У бизнинг дармонсизлигимизни Ўзига олади, бизнинг ҳамма хасталикларимизни олиб кетади… бизнинг дунёмизнинг жазосини… Парвардигор ҳаммамизнинг гуноҳларимизни Унга юклайди». «Лекин Парвардигор Унга шикаст етказишни лозим топади, Уни азоб-уқубатга гирифтор қилади… Унинг жони раҳм-шафқат қурбони бўлади». Юсуф кўкрагини ушлаганича инграб юборди. — Юсуф, сизга нима бўлди? — кутилмаганда ёнида Марямнинг овозини эшитди. — Юсуф! Хотини уни қучоқлаб, силаб-сийпаганини ҳис қилди, лекин Юсуф фақат Исога тикилганича йиғларди. * * * Қолган болалар қўрқиб кетиб, бақир-чақир қилиб қолишди. Шу пайт Исо дарров отасини кўтариб олди. — Жим бўлинглар! — деб буйруқ берди Марям. — Қўрқманглар! Сизнинг акангиз отангизга ёрдам бермоқчи! Исо Юсуфни тўшакка ётқизди. Ўғлининг ниҳоятда ҳаяжонланганини, Унинг қалбида рўй бераётган ғалаённи Юсуф ҳис этиб турарди. Исо Ўз ҳаётида синовларга дуч келмаган, Ўз инсоний та-биатига қарши чиқиб зафарга эришган вақт бўлганмикан? Ўспириннинг пешонасидан чиқаётган терни Юсуф сезиб турарди. — Вой! — деб ингради ота. Исо ёвузлик билан курашиб, ғолиб чиқади, аммо охир-оқибатда Ўзи қурбон бўлиши учун шундай қиладими? Шундай бўлиши мумкинмикан? Кўкрак қафасидаги оғриқ кучайди, Юсуф умри охирлаб бораётганини англади. — Болаларим, менга яқинроқ келинглар! Яқинроқ! — қийналиб гапирди Юсуф. Болалар оталарига яқин келишди ва унинг тўшаги ёнига тиз чўкишди. Ота ҳамма фарзандларини бирма-бир ўпиб, уларни дуо қилди. — Акангиз Исога қулоқ солинглар. Онангизни эъзозланглар. Худога ишонинглар… — Юсуф, сиз албатта тузалиб кетасиз, — деди Марям. Кўзлари жиққа ёшга тўлиб эрининг дуосини қабул қилди. — Мен биламан, сиз тузалиб кетасиз! Фақат Ўғлимиз Исо… — Бас, бўлди, — деди Юсуф кафти билан хотинининг оғзини беркитиб. Уларнинг ўйлашича, қачон улар хоҳлашса, шунда мўъжиза рўй берармиш. Улар умид қиладиларки, Мен ким Исо, Худонинг Ўғли, уларнинг буйруқларини бажарармишман. — Ҳаммасини Парвардигор ҳал қилади, — пичирлади Юсуф. — Биз Исони қийнаб қўймаслигимиз керак. Марям Ўғлига қаради, унинг ранги оқарган, нигоҳи безовталанган. Юсуф Унинг кўзларидаги ўтинч ҳиссини кўрди. — Марям, мен Исо билан гаплашиб олишим керак. — Хўп бўлади, Юсуф, — Марям ўрнидан туриб, уларни ҳоли қолдиришга шайланди. Юсуфнинг ҳар бир нафас олиши унга азоб берарди. Бармоқлари ҳамон увишган, оқиб тушаётган тердан яктаги шалаббо бўлган. Марям болаларини тўплаб уларни хонадан чиқариб юборди. Катта Ўғлига қараганда, кўзларидан дув-дув ёш оқди. — Сен отангга ёрдам беришингга ишончим комил. Ёрдам бер! Илтимос қиламан, ёрдам бер, — деб она хонадан чиқиб кетди. Хонада ҳеч ким қолмагач, Исо отасининг ёнига ўтирди. Юсуф Унга қараб жилмайди. Кўкрагидаги оғриқни енгиб, Исонинг қўлини ушлади ва юраги устига қўйди. — Бизлар Сенинг юкингни енгиллаштира олмаяпмиз. — Сизлар бундай қилишингиз ҳам керак эмас. Юсуфнинг томоғига бир нима тиқилгандай бўлди. — Уларнинг юрагини юмшат, Исо. Болалар…вой-воей, Сендан илтимос қиламан. Болаларнинг юрагини юмшат, токи улар ҳамма нарсани тушунишсин, Худо уларни Ўз паноҳига олсин. — Ҳар бир одам ўз йўлини ўзи танлаши керак. — Ҳатто ишончни ҳам биз Худодан оламиз. — Ҳар ким ўзи танлайди. — Сенга Масиҳга ишонгандай одамлар ишонишармикан? Сени Масиҳ деб қабул қилишармикан? — Отажон, сиз Менга ишонасизми? — Ҳа, — деди у йиғламсираб. — Ўғлим, Сен укаларинг билан гаплашиб ўтирганингда, мен Ишаёни эсладим, — Юсуфнинг ёшлари кўзларини хиралаштирди. — Китобда айтилганидай, У худди қўйдек бўғизланишга маҳкум бўлган. Юсуф диққат билан Исонинг кўзларига тикилди, Унинг кўзларидаги чексиз севгини, ачиниш ҳиссини сезди. У эндигина ўн беш ёшга тўлди. Лекин Дониёр айтгандай, Юсуф Унинг қиёфасида Одамзоднинг Ўғлини кўрди. Исо туғилгандаёқ, Юсуф Ундаги кучни, Унинг атрофидаги тўхтовсиз жангни ҳис этган эди. Исо Ўз ҳаёти давомида бирор маротаба ҳам заифлашмаган, йўлдан адашмаган. Шу ўн беш йил ичида Юсуф Исонинг қўлида ҳеч қилич кўрмаган, ҳатто Унинг тенгқурлари Рим аскарларига ёки шоҳ Довудга тақлид қилиб ўйнашганда ҳам. Исо Ўз хоҳиш-истагини устун қўйиб, ҳаром йўлга юрмаган ёки ўзгаларни таҳқирламаган. Худодан ташқари яна ким чексиз васвасаларга қарши тура олади?! «У худди қўйдек бўғизланишга маҳкум бўлган». Юсуф кўзларини юмдию йиғлаб юборди. — Сен бизнинг гуноҳларимизни, айбларимизни Ўз зиммангга оласан ва қурбон бўласан. Мана нима учун Сен бизнинг олдимизга юборилгансан, шундайми? — Юсуфни бу Болакайга нисбатан меҳр қамраб олди. Чунки Исо бу дунёга келгандан бери Унга едирди, ичирди, боқди, аммо ҳеч қачон ўзининг ўғли деб ҳисобламади. Исо билан содир бўлиши мумкин бўлган мудҳиш воқеа Юсуфни қийнарди. — Одамлар Сени рад қиладилар. Исо бирон гап айтмади. У фақат қўлини Юсуфнинг пешонасига қўйди, унинг иккинчи қўлини ҳамон Юсуф юрагига қўйиб ётарди. — Исо, мен Сени яхши кўраман, менинг фарзандларимни қутқаргин, Ўз онангни ҳам. У тушунмаяпти. Қандай қилиб Марям ҳозирга қадар шунақанги бетоқат ва доим Унга ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлади? — Ҳавотирланманг, — деди Исо. — Мен улар билан биргаман. — Менинг мадорим йўқ. Наҳотки у ҳозир ҳам Худодан шубҳаланса? — Хотиржам бўлинг, — деди майинлик билан Исо. Юсуф яна кўзларини юмди, унга Исонинг майин овози эшитилаётгандай туюлди: «Сиз меҳрибон ва садоқатли қул эдингиз». Болалар хонага кириб отасини ўраб олишди. Юсуфнинг аҳволи янада оғирлашди. Марям эрининг тўшаги олдига чўк тушиб, унинг қўлларини олди. Юсуф хотинига қараб жилмайди, аммо гапиришга холи йўқ эди. У Марямга, сен вафодор хотинсан, меҳрибон онасан, деб айтмоқчи эди. Бу гапларни Юсуф олдин ҳам бир неча бор хотинига айтган. Эри уни севишини Марям яхши биларди. Марям Исога қаради, Юсуф хотинининг кўзларида саросима, даҳшат ва илтижони кўрди. Юсуф бир нима демоқчи бўлди. Марям эгилиб қулоғини эрининг лабларига тутди. — Ишон. Итоат қил. Марям эрининг кўкрагига бошини қўйиб, йиғлаб юборди! Юсуф Исога қаради. Улар ишонишган яккаю ягона Кимса жимгина эшик олдида турарди, кўз ёшлар Унинг юзларидан оқиб тушарди. У Ўз Отасининг хоҳиш-иродасини бажо келтириб, уни ўлимдан қутқариш учун ҳеч нима қилмас эди. Воажаб, лекин Юсуф энди қўрқмас эди. У осонликча жон берди. У кўзларини юмиб, Парвардигорининг Шоҳлигига кириб борди. * * * — Юсуф! — деб бақирди Марям унинг нафас олиши тўхтаган-да. — Юсуф! — аёл эрини елкаларидан қучоқлаб, бағрига босди. Бундай ҳолат қандай юз берди экан? Она Исога қаради. У йиғларди. — Нега? — йиғларди Марям. — Нима учун? Исо Юсуфни тузатиб юборишига она ишонарди! У шундай қобилиятга эгалигидан Марям хабардор эди. Чунки синглиси Ханнага қўлини текизиши биланоқ, у тузалиб кетмадими?! Ростдан ҳам, У нонларни кўпайтириб, хумларни мойга тўлдирмадими?! Гарчи Исо Юсуфни яхши кўрса-да, нега энди Юсуф ўлишига У йўл қўйди? Чунки У сиз ҳақингизда ўйламайди. Чунки У фақат Ўз мақсади йўлида хизмат қилади. Йўқ. Марямнинг бунга асло ишонгиси келмас эди. Она Исонинг кўзларида қайғу, дард-аламни кўрди. Исо Юсуфни яхши кўриши-ни Марям биларди. Улар елкама-елка туриб, устахонада ишлаганларида, доим кулишларини она неча бор кўрган! Тавротни ўқишганда, иккиси ҳам бошларини қуйи солиб бир-бирига яқин туришганини кўрган. Ана энди бўлса сенинг Ўғлинг жимгина туриб Ўзининг отаси ўлишини томоша қилиб турибди. У ҳеч нима қилмаяпти. Эй, аёл, энди сен ёлғиз қолдинг, еттита болали тул хотинсан. Шу кунгача оилани таъминлаб келган эркаксиз энди етти етим болаларни боқишинг керак. Эҳ-ҳа, Худо шундай қилиб сенинг ғамингни еяптими? Йўқ! Бундай ёвуз фикрлар уни чулғаб олишига она йўл қўймайди! Марям юрагига ёвуз илон кириб олиб, тилидан заҳар томизиб туришига асло йўл қўймайди! — Исо! — деб фарёд чекарди хотин. — Исо! У зудлик билан онасининг ёнида пайдо бўлди, қўлини онасининг елкасига қўйди. — Онажон, Мен шу ердаман. Марям йиғлаганича, жонсиз Юсуфнинг жасадини тўшагига ётқиз-ди, мулойимлик билан унинг юзларини силади. Эрининг муҳаббатисиз, кучи ва донолигисиз, қолаверса, севги, мадад ва далдасиз аёл энди қандай яшайди? Худо улар билан сўзлашиб Мисрга етаклагани, сўнг яна Исроилга, шу Насрога олиб келгани Юсуф орқали эмасмиди?! Ҳар сафар Парвардигорнинг фариштаси унга намоён бўлганда, Юсуф Худога сўзсиз бўйсуниб, Унга итоат қилди. Қўрқиб кетганидан саросимага тушган болалар бақир-чақир қилиб йиғлашарди. Ғам-ғуссадан гаранг бўлиб қолганлигига қарамай, Марям уларнинг қайғусини англаб ҳис этарди. Она энди нима қилишини, қандай йўл тутишини ўйлаб кўриши керак. Марям ўрнидан турди, елкасидаги Исонинг қўлини маҳкам сиқди. У тўнғич фарзанд бўлгани учун, оила ташвишлари энди Исонинг зиммасига юкланади. * * * — Хушбўй, муаттар нарсаларни сотиб олишга менинг пулим йўқ, — деди Марям опасига. Энди у қандай қилиб дафн маросимини ўтказади? — Онажон, бизда бу нарсалар бор, — деб эътироз билдир-ди Исо. У ўрнидан туриб, сандиқча олдига келди. Бу сандиқчада олдин Байтлаҳмда мунажжимлар берган совға-саломлар сақланарди. Шоҳ Хироднинг ўч олиши ҳақида Фаришта уларни огоҳлантирганда, унинг зулмидан қочиб кетишларидан олдин, Юсуф совғаларни шу сандиқчага жойлаб беркитган эди. Исо сандиқчанинг қопқоғини очиб ичидан алебастрдан ясалган хумчани олди. — Бу нима? — деб сўради Марямнинг опаси. — Биз буларни ишлата олмаймиз, — деб эътироз билдирди Марям. — Олинг, — деди Исо ва идишни онасига узатди. — Ўғлим, бу совға-саломлар Сенга аталган. — Совға? — опаси ҳайрон бўлиб дам Исога, дам Марямга қаради. — Бу хумча? Ким сизларга бундай қимматбаҳо нарсани совға қилди? — Бу Менга берилган совға, — деб гапини давом эттирди Исо, — Мен уни хоҳлаган одамимга тортиқ қилишим мумкин. У идишни онасининг қўлига берди, хонада Юсуфнинг жасадини, Марямни опаси билан қолдириб ташқарига чиқиб кетди. Марям йиғлаганича эъзозлаб хумчани олди. Ўғлининг гапига кириб, она идишнинг оғзини ечди ва идишни очди. Бирпасда хонани муаттар ва нафис мирранинг ҳиди тутиб кетди. * * * Севикли эри ўлгандан кейин, Марям бир неча ой ўзига келолмай юрди. У ҳаддан ташқари ҳаяжонланган ва асабийлашган аҳволда эди. Баъзида кўзга кўринмас душманлар унга ҳужум қилар, турли айбловларни, бўҳтонларни пичирлаб, кўнглига шубҳа-гумонларни солар эди. Марямнинг қўлидан келгани — бор-йўғи бошига рўмол ташлаб ибодат қилиш, холос. Эй, Парвардигор! Сен нега биздан Юсуфни тортиб олганингни, нима учун ҳаётимиз бунчалик оғирлигини мен билмайман. Нима учун Сенинг Ўғлинг бошқа одамлар сингари терга ботиб ризқ-рўзимиз бўлган нонни Ўзи меҳнат қилиб топиши кераклигини мен тушунмайман. Нега энди шунча йил ўтса ҳам, ҳанузгача У Ўзлигини нима сабабдан намоён қилмаётганини мен тушунмайман. Лекин мен Сенинг берган ваъдаларингга ишонаман, Парвардигорим… Исо буюк бўлишини ва Унга Худонинг Ўғли деган ном берилишини Сен айтгансан. Ўзинг, Унинг бобоси шоҳ Довуднинг тахтини Унга инъом этаман, деб айтгансан. Сен, Унинг Шоҳлиги абадий бўлади, деб ҳам айтгансан. Мен бу ваъдаларни худди кеча содир бўлган воқеа сингари яхши эслайман. Эсимда. Лекин, эй Парвардигор, берган ваъдаларингни амалга ошишини кутиш нақадар қийин. * * * Оилани боқиш учун Исо тинмай ишлашига тўғри келарди. Одамлар ҳам виждонсиз, қарзларини узишга шошилишмас, доимо ҳеч қандай асоссиз ҳаётдан нолишгани нолишган. Лекин Марям бирор марта ҳам Исонинг ғазабланганини ёки тушкунликка тушганини кўрмаган. Фурсат етиб келиб Исо Ўз сингилларини ёш, баъмани, имонли, Худога тоат-ибодат қиладиган тақводор йигитларга тўй қилиб узатди. У укалари билан ҳамон Юсуфнинг устахонасида ишлаб, отаси берган ҳунарни уларга ўргатиб келарди. Шу билан бирга, Исо уларни Парвардигорнинг йўлидан олиб юришга ҳаракат қиларди. Аммо Ёқуб ва Юсуф билан тил топиш қийин кечарди. Ёқуб гердайиб, ўзини катта тутарди, Юсуф бўлса унга тақлид қилмоқчи бўларди. Лекин Исо сабр-бардошли, меҳрибон ва севгувчи бўлишига қарамай, қатъият билан иш тутарди. — Тавротни ўрганишнинг нима фойдаси бор?! Чунки римликлар тинмай бизнинг халқимизни йўқ қилишяпти! Мен қайтанга қилич ушлаб жанг қилишни ўрганишим керак! — деб бақирарди Ёқуб, тинмай Исо билан дарғазаб бўлиб баҳслашар экан. Исо бўлса укасига босиққина жавоб қайтарарди: — Сен тақводор эканлигингни Худога намоён қилишинг керак. Ёқуб уятдан қизариб кетди. — Мен Худога содиқман! Нега энди мен бевафо эканман? Мен қонунни ўрганяпман. Уни ёд оляпман. — Тўғри, сен ёдлаяпсан, лекин қонунни тушунганинг йўқ. Сенинг юрагинг нафратга тўлган. — Менинг юрагим адолатли нафратга тўлган! — Бегуноҳ қон тўкаётганларнинг изидан бориш, сенингча, бу адолатданми? — Ундай бўлса, ака, сиз менга бирорта гуноҳсиз римликни кўрсатинг-чи? — Ёқуб! — деб бақирди Марям, лекин шу заҳотиёқ ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. — Акангга қулоқ сол! Ёқуб онаси томонга қайрилиб қаради. — Сиз доимо Унинг ёнини оласиз. У мендан катта бўлгани билан, У ҳамма нарсани билади, дегани эмас-ку! Жаҳли чиққан Марям ўрнидан турди. — Сен акангга оила бошлиғи сифатида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишинг керак. Сенга У нима деса, шунга қулоқ соласан. — Қулоқ солишни истамайман! — Ёқуб қўллари билан юзини беркитиб, йиғлаб юборди. — У нима дейишини мен биламан, буларни эшитиш менинг жонимга тегиб кетди. Марям, укангни бирор гап айтиб юпатгин, дегандай ялиниб Исога қаради. Аммо Исо ўрнидан турди-да, индамай уйдан чиқиб кетди. Ана энди У яна узоқ вақтга тоққа чиқиб кетади. Марям болаларини олиб ўтириб уларга насиҳат қилди: — Сизлар Исога қулоқ солишингиз керак. Сизларга У хоҳлаганидай таълим беришига ижозат беринг. Чунки бир кун келиб, У фақат сизнинг акангиз эмаслигини, балки ундан анча юқорироқ ўрин эгаллашини тушуниб оласиз. Юсуф онасига қаради. — Раввиннинг айтишича, ҳар бир яҳудий тўнғич фарзандига Масиҳ каби боқар экан. — Ҳа, аслида бундай эмаслигига исбот бўлмагунча, барибир, унга Масиҳ каби ишонишни давом эттириб юрар экан, — деб қўшиб қўйди Ёқуб. Марямнинг кўзлари ёшга тўлди. Болалар бирор аломатни ёки мўъжизани талаб қилишяптими? — Исо сизнинг опангизни даволади. У нонимизни мўл-кўл қилди. Ертўладаги ҳамма хумларимизни дон ва мойга доим тўлдириб келяпти. Ёқуб онасига қаради. — Сиз шундай деб ҳисоблайсиз. Бу сўзлардан кейин Марям бир сесканиб тушди. Она ўзининг кичик ўғилларига эслатди: — Исо Ханнанинг пешонасини силаган эди, унинг иссиғи тушди. — Балки У опачамизни иссиғи тушгандан кейин унинг пешонасига қўлини теккизгандир. — Ойижон, менинг эсимда, — деди Юсуф Ёқубнинг гапини маъқуллаб. — Ўшанда сиз шунақанги чарчаган эдингизки, отам келганда оёғингизда зўрға турардингиз. Ханна ухлаб қолганди. — Ханна ўшанда ўлим тўшагида ётганди. Марям қайсар ўғилларига қаради. Улар отаси Юсуфга шунақанги ўхшаб кетардики, фақат уларнинг эътиқодлари анча заиф эди. Фарзандларининг терслиги, ўжарлиги Марямни ғазаблантирарди. — Боринглар, акангизнинг устахонасини тозалаб супуринглар. Тез бўлинглар! Ёки сизларнинг ўрнингизга ҳам ҳамма ишларни У қилиши керакми?! Кутиш оғирлигини Марям тушунарди. Ҳали шундай кун келади: улар Исонинг буюклигини кўришади, Унга ишонишади, Унинг ёнидан жой олишади. Шундай кун албатта келади! * * * Йиллар ўтиб борарди. Ҳар баҳор Марямнинг катта Ўғли онасига Қуддусга Фисиҳ байрамига бориш учун тайёргарлик кўриш лозимлигини эслатарди. Ҳар йили она Исога қараганда ҳам қувончли ҳаяжонни ҳис этарди. — Вақт келдими? Шу йилми? Қуддус томон босган ҳар бир қадами Марямнинг қалбини шодликка тўлдирарди. Ҳамма қариндош-уруғлар шоҳ Довуд шаҳрига келиб байрам дастурхони атрофида йиғилишганда, Марям шу йили Илёс пайдо бўлиб, Масиҳнинг келиши ҳақидаги хушхабарни айтишини астойдил Худодан сўраб ибодат қиларди. Йиғилганлар чалпак нонларни синдириб еб, мусаллас ичишарди, кашнични шўр сувга ботириб, турли нордон кўкатлардан ейишарди. Ёши энг кичкина болани, Илёс эшикнинг олдида турибдимикан, бор, қараб келгин, деб чиқариб юборишарди. Ҳар сафар Марям нафас чиқармай турар, унинг юраги жуда қаттиқ урарди. — У ерда Илёс йўқ экан. Йил кетидан йиллар ўтаверди. Исо эркак ҳам бўлди, аммо Закариё ва Ханнанинг ўғли ҳамон келмас эди. Ҳар йили Марям қариндош-уруғлари билан мусаллас тўла косани кўтариб шундай дерди: — Кейинги йили Қуддусда. Сўнг Исо умидсизликдан оққан кўз ёшларини ҳеч ким кўрмаслиги учун бошини қуйи тушириб оларди. Олтинчи боб Марям қўлидаги кўза билан тепаликдан тушиб шаҳар қудуғи ёнига келди-да, навбатга турди. Ногаҳон Иорданда пайдо бўлган бир пайғамбар тўғрисидаги аёлларнинг суҳбатини эшитиб қолди. Ўзини Парвардигорнинг пайғамбари этиб эълон қиладиган одамлар кўпайиб кетган эди. — Ўғлим ўша ерга борган экан, шу гапни эшитиб келибди, — деб гапирди бир аёл. — Ўтган куни кечаси келиб ўша одам эҳтирос билан ваъз айтиб, Ишаё китобидан оятлар келтирибди экан. — Сенингча, у Масиҳми? — сўради бошқа аёл. — Худодан бошқа буни ким ҳам биларди?! — Менинг эрим ҳам эрталаб ўғилларимни олиб Яҳёнинг ваъзларини тинглашга кетди. Бу исмни эшитгач, Марям ҳаяжонланди. — Унинг исми Яҳё эканми? — Уни ҳамма Яҳё Пайғамбар деб атар экан. Марям безовталигини билдирмай кўзани сувга тўлдирди, уни елкасига қўйиб тепаликка чиқа бошлади. Кўзани уйнинг олдида ерга қўйди, ўзига озгина сув сепиб олди-да, Исо ишлаётган устахонага шошилиб кириб борди. — Иорданда Яҳё исмли пайғамбар воизлик қилиб юрибди экан, мен ҳозир эшитиб келдим, — деди она Унга. — Бизлар ҳозироқ бориб билиб келишимиз керак: мабодо у Элизабетнинг ўғли эмасмикан? Исо бўйинтуруққа ишлов бераётган эди. — Мен у ҳақда эшитганман. У биладими? Нега энди Исо бу ҳақда Марямга индамади? Марям Ўғлининг ёнига яқин келди. — Бизлар ҳозироқ боришимиз керак! Мен Ёқуб билан Юсуфга айтаман, улар йўлга отланишсин. Болалар биз билан бирга боришлари керак. Салмон ҳам, Яҳудо ҳам ва албатта, Сенинг сингилларинг ҳам эрлари билан. Бизлар ҳаммамиз бирга боришимиз керак! Исо бошини кўтариб бир онасига қараб қўйди, сўнг яна индамай бўйинтуруқни текислашга тушди. Марям қовоғини солди. — Яҳёнинг пайдо бўлиши бизлар шунча узоқ кутган аломат эмасми?! — Ойижон, ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Кейинги ҳафталар давомида Марям ҳотиржам бўлишга ҳаракат қилди. Лекин маълум бўлишича, Насродагиларнинг ҳаммаси, Марямнинг оиласидан ташқари, Яҳё пайғамбарнинг ваъзларини эшитиб келишибди. Қудуқ бўйидаги хотинлар тинмай ўша «Пайғамбар» тўғрисида гапиришарди. — Дарё бўйида жуда кўп одам тўпланди. — Эшитишимча, қандайдир бир фарзий Яҳёнинг ваъзини тинглашга келибди. Яҳё эса унга: «Сен чиябўри авлодидансан», деб айтибди. — Ҳатто солиқ йиғувчилар ва Рим аскарлари ҳам унинг ваъзини эшитишга боришяпти экан. — Менинг ўғлимнинг айтишича, Яҳё — Масиҳ экан. Марямнинг сочлари тикка бўлди. — Ҳамма ундан ҳайратда, — деди бошқа аёл. Марям: «Менинг Ўғлим Исо — Масиҳдир, Ёғ суртилган Удир!» деб бақириб юбормаслик учун тилини тишлашига тўғри келди. Кунлар ўтган сайин она янада кўпроқ безовталанаверди. Охири Марям ўзини тутолмади. — Исо, мен ваъз эшитишга бормоқчиман, — деди она. — Мен Яҳёни кўрмоқчиман. Исо онаси билан бирга бормаслигини айтганда, Марям умидсизликка тушди. * * * Марям кичик ўғиллари билан Иордан соҳилига келганда, у ерда кўплаб эркаклар, аёл ва болалар йиғилиб турган экан. Оломон ғўнғилларди. Кимдир туя жунидан кийим кийиб, белига теридан қилинган камар боғлаб силлиқ тош устида ўтирган кимса билан гаплашарди. Сочлари тўзғиб кетган шу эркак Элизабетнинг ўғлимикан? Бутун Насро халқи шу ерга тўпланиб, «чўлда ваъз қилаётган одамнинг овозини» тинглашга келганга ўхшарди. Бу ерда фоҳишаларни ҳам, руҳонийларни ҳам, рим аскарларию яҳудий тафсирчиларини ҳам, яъни китобий билимларга ёпишиб олиб, ҳаётдан узилган одамларни, камбағалу бева-бечораларни, балиқчиларни учратиш мумкин эди. — Ҳаётингиз билан гуноҳларингизга иқрор бўлиб тавба қилганингизни, Худога юз бурганлигингизни исботланг! — деб бақирди Яҳё кўл бўйида тўпланиб турган фарзийларга. — «Бизнинг отамиз Иброҳим, шунинг учун биз нажот топганмиз», деб айтманглар. Бу ҳеч нимани исботламайди. Худо шу тошлардан Иброҳимнинг болаларини барпо эта олади. Гарчи узоқда бўлса ҳам Марям одамларнинг бу ваъзга муносабатини кўриши мумкин эди. Фарзийлар бошларини баланд кўтаришди, сўнг бурилиб нари кетишди. Юҳанно уларнинг орқасидан бақирди: — Ҳаттоки ойболта ҳам томири бор дарахтдан ясалган. Яхши мева бермайдиган дарахт томиридан кесиб олиниб, оловга ташланади! — Ойижон! — деб чақирди Марямни Яҳудо қўли билан нарироқни кўрсатар экан. — Исо ўша ерда! Иордан дарёси бўйида оломон турарди. Уларнинг орасида Марям Исони кўрди. Уни ўраб турган эркак ва аёллар Яҳёдан, бизни имонга киритинг, деб илтимос қилишарди. Исо пайғамбарга яқинлашганда, онанинг юраги тез уриб кетди. — Гуноҳларингиз кечирилиши учун мен сизларни сувда чўмдираман, — деди Яҳё ва қўлини бир эркакнинг елкасига қўйди. Ўша одамга пайғамбар сувга чўмишга буйруқ берди, сўнг сувдан чиқишига ёрдам берди. Эркак сувдан чиққандан кейин, пайғамбар соҳилда турган Исога қаради. Пайғамбар бир сўз демай, Унга диққат билан қаради. Исо сувга тушиб, ўшанда онасининг қорнидалигидаёқ Уни таниган одамга яқинлашди. Марям Салмон билан Яҳудони қўлидан ушлаб, яқинроқ бориш учун ўзини оломон ичига урди. Яҳё билан Исо алланималарни гаплашишди, сўнг Исо сувга чўмди. Яҳё худди уни осмонда кимдир чақираётгандай, диққат-эътибор билан тепага қаради. Марям ҳам осмонга қаради, лекин у ерда бирор бир ғайритабиий нарса кўрмади. Яҳё орқага тисарилиб, Исо узра қўлини тепага кўтарди. Пайғамбар эҳтиром билан Парвардигорнинг Ўғлига қараб турарди. Исо ўгирилиб сувдан чиқди ва соҳил бўйлаб юриб кетди. Шу он бир нечта ёш йигитлар ўзларини сувга ташладилар ва имкон қадар тезроқ Яҳёга яқинлашишга шошилишди. — Ўғилларим, юринглар. Сизнинг акангиз нима қилган бўлса, биз ҳам шундай қиламиз. Марям уларни сув томон етаклади, йўл-йўлакай Исо кўриниб қолармикан, деб у ёқ-бу ёққа қаради. Фақат бир маротабагина она Уни кўргандай бўлди, аммо У Исо бўлиши мумкин эмас, чунки ўша одам шарқ томонга кетаётган эди. Марям ва унинг кичик ўғиллари шанба куни уйларига қайтишганда, Исо йўқ эди. Кейин ҳам У қайтмади. * * * Орадан бир ҳафта, сўнг иккинчи, иккинчисидан кейин учинчи ҳафта ҳам ўтди. Ҳамон Исодан дарак йўқ. У қаерга кетиши мумкин? Наҳотки уйга қайтаётганда, Унга қароқчилар хужум қилиб, қонга белаб йўлга ташлаб кетишган бўлса? Йўқ! Ундай бўлиши мумкин эмас! Ундай бўлса, Исога бирон нарса бўлдимикан? Ёқуб ва Юсуф ҳавотир олиб акасини ахтаргани кетишди. Улар бир ҳафтадан кейин норози, таъблари хира бўлиб қайтиб келишди. — Ойижон, Уни ҳеч ким кўрмабди. — Керак бўлса Исонинг Ўзи уйга қайтиб келади, — Марямнинг ўзига қараганда, сўзларида ишонч чақнаб турарди. Исо қаерда бўлишидан қатъий назар, Худо У билан бирга эканини, ҳар қандай ёвузликдан Ўз Ўғлини У сақлай олишини она биларди. Марямга, шоҳ Ҳироднинг буйруғи билан пайғамбар Яҳё ҳибсга олинибди, деган шум хабар етиб келмагунча, Марям Исодан ҳавотир олмаётган эди. Наҳотки унинг Ўғли Қуддусга, Яҳёни озод этинглар, деб борган бўлса? — Сенинг ажойиб ўғлинг қани? — деб сўрашди аёллар қудуқ бўйида Марямдан. — Кеча эрим сизларнинг устахонангизга омочни тузатгани борган эди, у ерда фақат Салмон билан Яҳудо бор экан. Марям: «Исо Иордан дарёсида сувга чўмиб имон келтиришга кетди», деб айтганда, аёллар бошларини тебратишди. — Бунга бир неча ҳафта бўлди-ку. У Ўзини ўйлаб, сени ва болаларингни ташлаб кетгани ёмон бўлибди. Ҳатто Марямнинг кичик ўғиллари ҳам катта акаси ҳеч кимга бир оғиз сўз айтмай, огоҳлантирмай кетгани учун Ундан норози бўлишди. Лекин Марям тўнғич Ўғлининг ёнини олди: «Унинг отаси нимани буюрса, Исо ўшани бажариши керак». — «Бизнинг отамиз ўлган, энди Исо — оиламиз бошлиғи». — Салмон ва Яҳудо Тавротни ўрганди, иккаласи ҳам устахонада Исо билан узоқ ишлади. Шунинг учун У йўқлигида улар мустақил ишлай олишади, — ушбу гапларни айтгач, Марямнинг миясига бир фикр келди: Исо энди умуман қайтиб келмаслиги мумкин. У ахир, Ёғ суртилган! Нима учун У Жалиладаги кичкинагина шаҳарчага қайтиб келиши керак? — Балки Исо Қуддусга кетган бўлиши мумкин. Мабодо Қуддусга кетмаган бўлса-чи, унда У қаерда бўлиши мумкин? Она Исодан ҳавотирланмаслиги керак. Марям Худодан умидвор бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса қаерга кетаётганлигини ва қачон қайтишини сенга айтиши мумкин эди-ку! Агарда У шунчалик яхши бўлса, унда нима учун бир оғиз гапирмай сендан қочиб кетди? Исо қайтиб келгандан кейин, онаси Унга таъна қилиши керакми? Олдин ҳеч қачон У онасини бунчалик ҳавотирга қўймаган эди. Исо ҳеч қачон маълум бир сабабсиз, ибодат қилмасдан бирор ишни бошламаган. У сенинг Ўғлинг. Чеккан дарду-жафоларинг эвазига сенга ҳурмат-эҳтиром бажо келтириши лозим эди. У Парвардигорнинг Ўғли ва мен учун бирор нима қилиши шарт эмас! Марям қўллари билан юзини беркитиб йиғлаб юборди. Онанинг ёнида Ёқуб билан Юсуф, унинг оёқ томонида ўрнашиб Салмон билан Яҳудо ўтиришарди. Шу ерда унинг қизлари ҳам бор эди, аммо Марям ҳозиргидай ҳеч қачон ўзини бунчалик ёлғиз сезмаган эди. Ҳатто Юсуф вафот этгандан кейин ҳам бундай аҳволга тушмаган эди. Чунки она Исога суяниб қолган, Ундан тасалли топарди. Марям асло кутмаган ҳодиса рўй берди. — Майли У келсин, кўрамиз, мен Уни нима қилар эканман. — Йўқ. Ваъда бажарилиши керак! — Марям бошини кўтарди. — Парвардигор биз билан, Исо бўлса тўғри йўл тутяпти. — Ойижон! — Ёқуб Марямни қучоқлаб олди. Она сал орқага тисарилиб ўрнидан турди. — Парвардигор биз билан, шундай кун келиб Масиҳ иблисни оёқлари билан мажақлаб ташлаганини сизлар кўрасизлар. * * * Марям Қанада яшайдиган қариндошининг уйида бўладиган тўйга бориш учун тайёргарлик кўраётган эди. Бирдан тепаликдан югуриб уй томон келаётган Яҳудога кўзи тушди. — Исо келяпти. У уйга келяпти! Хурсандчиликдан кўзларидаги ёш билан она пастга тўнғич Ўғлини кутиб олишга югурди. У Исони маҳкам қучоқлаб, хавотирлик билан Унга тикилди. — Вой, бунчалар озиб кетибсан! — деди она қўрқиб кетиб. — Қуёшда қорайибсан, — Марям Унинг қуёшдан куйиб кетган, қуёш нурлари ғадир-будур қилган юзларини силади. — Юр, Сен тамадди қилиб дам олишинг керак. Исо жилмайганча онасини қучоқлаб кўтарди, икки юзидан ўпиб яна ерга қўйди. — Эй, аёл, нега сен доимо нима қилишимни сен Менга кўрсатаверасан? Марям Унга қўшилиб кулиб юборди, кафтлари билан зоғораси чиқиб кетган юзларини яна силади. — Она ўз Ўғлига ғамхўрлик қилмаслиги керакми? — эндигина Марям улар дийдорлашаётганини кузатиб турган бир гуруҳ одамларни пайқади. — Бу одамлар кимлар? — Онажон, булар Менинг дўстларим. Марям уларга диққат билан қаради ва иккита эркакни танигандай бўлди. — Ёқуб! Юҳанно! Акам Забадийнинг аҳволлари қалай? — она тезгина одамларга яқинлашди, уларнинг елкасига қоқиб кўришди. — Яхши юрибди, Марям, — деб саломлашди Юҳанно уни қучоқлаб. — Аммо биз уни қолдириб, Исога эргашиб кетиб қолганимиз учун унинг жаҳли чиқди.. Марям қолган меҳмонларга қаради, ўзича, бу улфатларнинг ҳаммаси ҳар хил экан, деб хаёлидан ўтказди. — Юринглар. Менинг уйимда ҳаммангизга етарли нон. бошқа егуликлар топилади. Эртага эса Қанадаги қариндошимизникига тўйга борамиз. Исо, Сенинг дўстларинг биз билан боришлари мумкин. То улар тепаликка кўтарилгунларича, Салмон ва Яҳудо бир-бирлари билан баҳслашиб, иложи борича Исонинг диққат-эътиборини жалб қилишга уриндилар. Кун бўйи Марям мамнуният билан Ўғли ва Унинг дўстларига хизмат қилди. Ёқуб билан Юсуф келиб, Исо билан суҳбат қуриш учун Уни ичкарига чорлашди. Улар оила ташвишларининг бутун оғирлигини Исога юклашмоқчи эканлигига онанинг ишончи комил эди. Лекин Марямнинг гапга аралашуви — бу оловга мой қуйгандек кечишини онаизор биларди. Бироқ, барибир онамиз шу ерда экан, деб сал ўйлаб терс гапиришмас, деган фикр билан Марям эшикнинг олдига туриб олди. Аммо ака-укаларнинг суҳбати оғир ва жиддий ўтди. Исо жимгина ўтириб, укаларининг арз-додларини диққат билан тинглагани Марямни хурсанд қилди. Аммо, барибир Марям безовталанарди. Гапириш гали Исога келганда, она тинчланиб Унга қулоқ тутди. — Укаларим, Мени Муқаддас Руҳ қаерга етакласа, Мен ўша ерга боришим керак. — деди ниҳоят Исо укалари жим бўлишгач. Ёқубнинг акасидан ихлоси қайтгани кўриниб турарди. — Онамиз-чи? Онамизни ўйламайсизми? Исо қўлини Ёқубнинг елкасига қўйиб, юмшоққина жилмайди. — Мен онажонимни ўз ҳолига ташлаб қўймайман. Ёқуб билан Юсуф онасига ғамхўрлик қилишаётганини, оила ташвишлари энди фақатгина Исонинг зиммасига юкланмаётганлигига Марям гувоҳ бўлди, ўзида йўқ шод бўлди. Исо шунча кун қаерда қолиб кетганини укаларига айтмаганидан, келажак ҳаётида нималар рўй бериши мумкинлигидан уларни хабардор қилмаганидан Юсуф билан Ёқуб хафа бўлди. Кичик ўғилларининг бунчалик очиқдан-очиқ манман эканликларини намойиш қилишларини она сезиб турарди. Ҳозирга қадар катта ака оилани бошқариб келди, энди Усиз ҳаётлари бирмунча оғирлашади. Чунки Ёқуб ва Юсуф нафақат ўзларининг ғамини ейишга, балки оила аъзоларига ҳам ёрдам беришларига тўғри келади. Кичик укаларнинг акага ғайирликлари келарди, чунки Марям уларга нисбатан Исога кўпроқ меҳр қўйган эди. Тўғри, қолган фарзандларининг орасида она Исони бошқача кўрарди. Ҳақиқатдан ҳам У ажойиб, меҳрибон Ўғил бўлганидан кейин қандай қилиб Уни яхши кўрмаслик мумкин?! Қолган фарзандлар бўлса Марямга жуда кўп ташвиш келтиришини, тез-тез билиб ёки билмай уни хафа қилишларини биларди. Бу жигаргўшаларнинг ҳаммаси Марямнинг қонидан яралган, шунинг учун уларни яхши кўрарди. Наҳотки Исо фақатгина Ўғил эмаслигини, ундан юқори ўрин тутишини улар ҳеч қачон тушунишмаса? Наҳотки улар ўжарлик қилишни давом эттираверишса? Нега энди Исо билан бирга келган мусофирлар Ундаги Илоҳий моҳиятни кўришсаю, Унинг қондош укалари буни пайқашмаса? Исонинг бу дўстлари бир-бирларига ўхшамас эдилар: уларнинг ёшлари, қасб-корлари, олган таълимларию яшаш жойлари жиҳатдан турлича эди. Соқоллари оқарган балиқчи Шимўн Бутрус Марямнинг тенгқури эди. Унинг укаси Идрис бўлса ишчи-дехқонларга эмас, балки кўпроқ тафсирчига ўхшаб кетарди. Доимо лаблари қимтилган Натаниил Исонинг ҳар бир сўзини қайта-қайта сўрамай, диққат билан тингларди. Филипп эса Марямнинг катта Ўғлидан қонуннинг турли қоидалари изоҳини сўрарди. Аммо барибир, Ёқуб, Юсуф, Ханна, Сора, Салмон ва Яҳудодан фарқли ўлароқ, бу одамлар Исонинг ҳар бир сўзини илиб олишарди, уларнинг кўзларида умид учқуни порлаб турарди. Қуёш ботиб кеч киргандан кейин, Марям шамчироқларни ёқди. Исонинг уйдалигидан тинчланиб хотиржам уйқуга кетди. Энди ҳаммаси жойида бўлади. * * * Эртаси куни эрталаб Марям, Исо ва Унинг дўстлари Қанага жўнашди. Она бир неча дақиқа бўлса ҳам, яна катта Ўғлининг диққатини ўзига қаратишни хоҳлади. Лекин Исони фақат Унинг шогирдлари қизиқтираётгандай эди. У берилиб нималарнидир уларга гапириб бераётган эди. Балки сал кейинроқ она У билан ҳоли гаплашар. Марям Исонинг елкаларини силади. Эгнидаги енгсиз узун кийими Ўғлига ярашиб турганидан онаизор мамнун эди. Исо йўқлигида Марям яхши ният билан кийимни Унга мўлжаллаб тўқиб қўйганди. Ўша мудҳиш кунларда Ўғлининг қаердалигидан бехабар она сал чалғиш мақсадида тўқиш билан шуғулланди. Фикр-хаёли Ўғлида бўлса ҳам, озгина бўлса-да, қўлларини ишлатиб тўқиш билан овунди. Марям, Исо ва Унинг дўстлари жуда вақтида келишибди. Улар тезлик билан келинни куёвнинг уйига кузатиш маросимида қатнашишди. Бутун шаҳар тўйга таклиф қилинган эди. Меҳмонларни турли хил таомлар ва мусаллас билан истаганларича сийлашди. Янграган арфа, най ва дўмбира садолари остида йиғилганлар ярим кечагача берилиб рақсга тушишди. Тўй зиёфатига бунчалик кўп одам тўпланишини Марям биринчи бор кўриб турган эди. Дам-бадам дастурхонга турли таомлар тортилиб, май ва мусалласлар оқиб келарди. Тўй маросими икки-уч кунга чўзилиб кетди. Тўртинчи куни Марямнинг қулоғига норози оҳангдаги шивир-шивир эшитилгандай бўлди. Куёв бўлмиш Ёқуб келинга шунчалар маҳлиё бўлдики, хизматкорлар кимга нима берсак экан, деб гангиб қолишганига ҳам эътибор бермади. Бир хизматкор тўй бошқарувчисининг диққатини жалб қилишга уринди, лекин ҳеч қандай натижа чиқмади. Марям хизматкорнинг олдига келди. — Нега сен безовта кўринасан? — Бизда бир кўза мусаллас қолди, холос, бошқа йўқ. — Балки Ёқуб ертўлада майни ғамлаб қўйгандир? Хизматкор «йўқ» дегандай бош чайқади. Агар тўй тугамасдан шароб тамом бўлиб қолса, куёвнинг меҳмонлар олдида шармандаси чиқади. Бечора Ёқуб бундай уятни кўтара олмайди. — Юр, мен Ўғлим билан гаплашаман. Балки У сизларга ёрдам берар. Марям Исонинг олдига яқинлашганда, У дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирарди. Она Уни айланасига ўраб ўтирган одамларга қўшилди. Астагина Исонинг қаршисида чўккалаб, секин Унинг қулоғига пичирлади: — Уларнинг майлари тугаб қолибди. — Сиз билан Менга нима? Ана куёв хотинига шайдо бўлиб ўтирибди. Қолаверса тўй бошқарувчиси бор! — деди Исо. — Менинг вақтим ҳали келгани йўқ. Она бошини кўтарди, ялинганича Унинг кўзларига тикилди. Тўйда майнинг етишмаслиги — бу куёвнинг бир умрга одамлар назарида шармандаю шармисо бўлишини Исо онасидан яхши тушунади. Ёшгина қариндошининг аҳволи Уни бефарқ қолдирмаслигини, устига-устак Исо тўйга шунча дўстлари билан келиб, меҳмонлар сонини янада кўпайтирганини она билиб турарди. Марям жилмайганича Исонинг қўлини ўпди. Сўнг хотиржам бўлиб ўрнидан турди, жиғибийрон бўлаётган хизматкорга яқинлашиб деди: — У сизга нима деса, шуни бажаринглар. Она ўзини четга олиб Исонинг ҳаракатларини кузатиб турди. Исо ўрнидан турмасдан сув учун мўлжалланган олтита сув идишга кўзи тушди. Бу катта идишлар ҳозир бўш эди, уларни покланиш маросимидан олдин сувга тўлдиришади. — Шу идишларни сувга тўлдиринглар! Хизматкорлар ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарашди. Улар нима ҳақида ўйлашаётганини Марям кўз олдига келтирди: бундай қилишнинг нима кераги бор?! Ҳатто энг маст бўлган меҳмон ҳам сув билан майни осонгина фарқлай олади-ку! Лекин хизматкорларнинг ўзга чораси йўқ, улар тезлик билан буйруқни бажаришга киришишди. Хизматкорлар қўлларида челаклари билан қудуқдан сув идишларга, сув идишлардан қудуққа зир югуришарди. Исо бўлса бамайлихотир дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирарди. Тошдан ясалган катта идишлар сувга тўлгандан кейин, терлаб кетган хизматкорлар Исонинг олдига келишди. — Энди чўмичлаб олинглар-да, — деди Исо уларга, — тўйбошига олиб боринглар. Хизматкорлар чўмичлаб сувни олиб куёвнинг олдига кетишди, Марям бўлса уларнинг кетидан борди. Қизил рангдаги суюқлик тўйбошининг косасига қуйилди. Бу ҳолат Марямни ғоят завқлантирди. Тўйбоши косадаги шаробдан бир хўплагач, унинг кўзлари ёниб кетди. Марям куёвга яқин турганлиги сабабли, тўйбошининг куёвга айтган гапларини эшитди: — Аслида яхши мусалласни олдин қуйиб бериларди, ҳамма ичиб олгандан кейин эса сал бундайроғи ҳам бўлаверарди. Ҳей куёв! Сен бўлсанг энг ажойибини шу чоққача сақлаб қўйган экансан-ку! Марям хурсандлигидан жилмайиб, Исонинг дўстлари томон қаради. Уларнинг юзида қувончни кўрди. Ҳаяжонланган хизматкорлар меҳмонларга янги майни қуйиб бериш учун у ёқдан — бу ёққа югуришарди. Қаерга боришса ҳам ҳайратланиб Исонинг кўрсатган мўъжизаси тўғрисида барчага гапиришарди. Марям буларнинг ҳаммасини кўриб турар, хурсандчиликдан юзларидан кўз ёшлари оқарди. Эндиям улар ишонишади! Марям ва Юсуф ҳақидаги турли мишмишлар барҳам топиб унинг ўғиллари, қизлари ва дўстлари ҳақиқатни билиб олишади: Исо — бу Ўша! Уни халқ кўп йиллардан буён интизорлик билан кутяпти! Исо! У Ўз халқини қутқаради! Эммануил! Худо биз билан! Ҳадемай, тез орада Исроил халқи озод бўлади! * * * Ҳаммалари биргалашиб Насрога қайтишди, кейин ибодатхонага боришди. Исо олдинга ўтирди, дўстлари Унинг ёнидан жой олишди. Марям ҳаяжонланиб олдинги қаторларга, жўр бўлиб қўшиқ айтиладиган жойга ўтиб олди. Чунки шу ердан Тавротни ўқиб Мусо қонунларининг моҳияти тўғрисида мулоҳаза юритишади. Исо ўрнидан тургандан кейин, ҳамма жим бўлиб қолди. Кўпчилик У Жалила кўлининг соҳилида айтган ваъзини эшитган. Қанадаги тўй маросимида сувни қип-қизил майга айлантиргани тўғрисидаги овоза аллақачон ҳамма жойга тарқалиб бўлган эди. Кекса раввин қўлини узатиб, Исони таклиф қилди. Исо ибодат қиладиган чойшабини тўғрилаб юқорига кўтарилди. Раввин Унга ўроғлиқ қоғозни узатди. Исо ўрамни очиб ўқий бошлади. — Парвардигорнинг Руҳи Менда, чунки У Менга Ёғ суртиб бева-бечараларга хушхабар айтишни буюрган. Марямнинг юраги гупиллаб уриб кетди. Исо илк бор Тавротни ўқиганда, Юсуф билан Марям ниҳоятда ҳайратланганини она эслади. «Унинг овози… — деган эди Юсуф кўзида ёш билан. — У қонунни ўқиганда, ҳеч кимники Унинг овозига ўхшамайди. Ёд олган нутқини оддийгина қилиб айтиб қолмасдан, балки бутун вужуди ва қалби билан гапираётганини ҳис қиларди». Ниҳоят, Марямнинг севикли Ўғли — Парвардигорнинг Ёғ суртилганини, узоқ кутилган Масиҳ эканлигини Ўзи эълон қилди! Марям пастга, ўғиллари Исо билан боя ўтирган қаторга қаради. Қандай даҳшат! Ўғиллар бошларини қуйи тушириб, мункайиб ўтиришарди. — У Мени ғамгин юракларга шифо бериш учун, асирларга озодлик ҳақида ваъз ўқиш учун, сўқир одамларнинг кўзини очиш учун, азоб чекканларга озодлик бериш учун, Парвардигорнинг ёзи баракали ва унумдор бўлиши ҳақида хабар бериш учун жўнатган. — Исо қоғозни ўраб яна раввинга узатди. Сўнг У супадан пастга тушиб Ўз жойига ўтирди. Атроф жимжит, ҳамма сукутда, барчанинг нигоҳи фақат Исога қаратилган. Марямнинг юраги яна ҳам қаттиқ, тез урарди. Қандайдир бир одам ўрнидан турди. — Бу Масиҳнинг гаплари! У шаккоклик қиляпти! Исонинг шогирдларидан ҳисобланган Бутрус бирдан ўрнидан турганини, юзлари ёнаётганини Марям кўрди. — Агар сизлар, У нимани назарда тутяпти экан, деб сўрасангизлар, унда… Унинг овозини тобора кучайиб бораётган оломоннинг ҳайқириғи босиб тушди. — У мўжиза кўрсатганини мен эшитдим… У сувни майга айлантирган… яхшилик уруғини тарқатувчи… номуносиб ва зарар нарсалардан покловчи…Унга буюк донишмандлик ато этилган… — Ундаги донолик ва мўъжиза кўрсатиш қобилияти қаердан пайдо бўлган? — деб пичинг қилди сояда турган бир киши. — У оддийгина дурадгорнинг Ўғли. Нима Уни шунчалар буюк қилди? Марямни аёллар ўраб олган, синчковлик билан қараб турардилар. Марям уларнинг нигоҳини сезди: Насро аҳолисининг ёдига Марям билан Юсуф ҳақидаги шов-шувлар тушди. Марям олов каби ёнарди. — Йўқ, — деди она секингина. — Йўқ, йўқ. — Биз Унинг онаси Марямни биламиз, — деб гапга аралашди кимдир. — Унинг укалари — Ёқуб, Юсуф, Салмон ва Яҳудоларни ҳам таниймиз. Тўпланганларнинг нигоҳи энди Унинг укаларига қаратилган эди. Укалар ўзларини шармандаю шармисор бўлгандай ҳис этишди. — Унинг сингиллари ҳам бизнинг орамизда! — эътироф этди кимдир. Марям қайрилиб Сорани уятдан қизариб, юзини рўмол билан ёпиб олганини, Ханна бўлса тезлик билан эшик томон юриб, ибодатхонани тарк этаётганини кўрди. — Йўқ… йўқ… йўқ, — деди у ва одамлар унга ачиниш, танбеҳ, норозилик билан қарашаётганини Марям сезди. Марям тескари қаради, ёнида турган аёлнинг киноя билан айтган гапини эшитди. — Мен доимо Исони ажойиб, меҳрибон бола деб ҳисоблаб келардим. Аммо бугунги шармандагарчиликни Марям бир умр эсидан чиқармайди. Исо индамай ўтираверарди. — Ҳеч бир пайғамбар ўз она юртида эътибор топмаган. — Энди У Ўзини пайғамбар деб эълон қиляпти! — деб жаҳли чиқиб бақирди бир эркак. Исо ваҳимадан ва қўрқувдан писиб ўтирган укаларига қаради. — Ўз оиламда ҳам, — қўшиб қўйди У, кейин ўрнидан турди-да, Ўзини айблаётганларга қаради. — Мен сизларга чинини айтай: Илёс даврида Исроилда бевалар кўп бўлган эди. Бу даврда осмонда уч йилу олти ой ёмғир ёғмади, шу боис бутун ер юзида қаттиқ очарчилик бўлди. Шу беваларнинг биронтасига Илёс юборилмади, балки фақатгина Сидоннинг Сарептидадаги бевагагина юборилган эди, холос. Элиша пайғамбарни эсланг. Исроилда унинг ёрдамига муҳтож шунча кўп моховлар туриб, Элиша фақат Суриялик Нўмонга шифо берди, холос. — Бундай гапларни бизга айтиб, Ўзини ким деб тасаввур этяпти? — У шаккоклик қиляпти! Уни тошбўрон қилиш керак! — Йўқ! — деб бақирди Марям, чунки бир нечта бақувват эркак унинг Ўғлини қуршаб олган эди. Исонинг шогирдлари Уни ҳимоя қилишга ташланишди. Она бўлса аёлларни итариб пастга қараб отилди. — Уни қўйиб юборинглар! Қўйиб юборинглар менинг Ўғлимни! Эркаклар ўрниларидан туриб Исони ва Унинг шогирдларини эшик томон судраб ибодатхонадан итариб чиқаришди. Одамлар Марямнинг Ўғлини ва Унинг дўстларини тоғнинг тепасида жойлашган шаҳар томон итариб олиб кетишаётганда, она уларнинг орқасидан югурди. — Йўқ! — деб бақирарди Марям. — Сизлар нима қилаётганингизни билмайсизлар! Қайсидир эркак уни итариб юборган эди, Марям йиқилиб тушди. Ўзига келгач, у қўллари билан тошлоқ ерга таянди. Оғриқдан унинг нафаси қисилиб қолди. Она бир амаллаб оёққа турдию оло-мон кетидан шошилиб кетди. Бирдан ҳамма нарса тўхтаб қолгандай бўлди, ажабтовур сукунат осмонда осилиб қолгандай туюлди. Оломон ичидан Исо чиқди. У кимнинг олдидан юриб ўтса, ўша одамни кўз илғамас қўл орқага итариб суриб қўйгандай, чекинаверди. Оғир нафас олганидан, кўз ёшидан юзлари нам бўлган Марям Исонинг олдига югуриб келиб, Унинг оёқлари остига йиқилди. Унинг ёнида шогирдлари туришарди. — Исо, уларнинг кўзини оч! Улар кўришсин. Мен биламан, Сен буни қила оласан! Сенинг Кимлигингни улар кўришларига мажбур қил! У шаҳарнинг чеккасида, Жалила дарёсига олиб борадиган йўлда турганича, онасига қаради. — Онажон, уларнинг юраги тошдай қотиб қолган. — Сен бу юракларни юмшат. Сендан илтимос қиламан, Исо! Мен учун қилгин шуни! Ҳеч қачон она Унинг кўзларида бунчалик ғам-ғуссани кўрмаган эди. Исо қўлини чўзиб, онасининг юзларини силади. — Онажон, — деди У юмшоққина, — Насро энди Менинг уйим эмас. Марям таажжубланганича, Унинг кўзларига диққат билан тикилди. — Исо, нега бундай дейсан? Ахир, бу ерда мен бор, Сенинг укаларинг, сингилларинг… Исо онасини бағрига тортиб, махкам қучоқлади. Она Ўғлининг кийимларидан, Унинг баданидан келаётган ҳидни сезди, олдингидай Уни қучди. Марям Ўғлининг кучли севгисини, аммо шу билан бирга, У онасидан тобора узоқлашаётганини тан олди. Онаизор яна ҳам қаттиқроқ Ўғлини бағрига босди, лекин У Марямнинг қучоғидан қутулиб чиқиб бир оз Ўзини орқага ташлади. Сўнг секин овозда босиқлиқ билан деди: — Ҳар ким ўз йўлини ўзи танлаши керак. Бир дақиқага Исо бутун диққат-эътиборини онасига қаратиб обдон тикилиб турди, кейин ўгирилиб, йўлига кетди. Исо пастликка олиб тушадиган йўлдан кетар экан, Унга фақат шогирдларигина эргашди. * * * Марям ҳамма болаларини йиғди. — Сизларнинг акангиз Насродан бош олиб кетди. У ҳеч қачон орқага қайтмайди. — Исо уйга қайтган тақдирда ҳам, Уни ибодатхонага киришига бошқа йўл қўйишмайди, — деди Ёқуб хафа бўлиб. Марям унинг қўлидан ушлаб, бошқа болаларига қаради. — У Жалила кўлига олиб борадиган йўлдан кетди. Менинг ўйлашимча, У Кафарнаҳумга қайтиб кетди. Бизлар ўша ёққа боришимиз керак. — Бир неча кунга Насродан кетиш, балки, тўғридир, — деди Юсуф. — Бу ердагилар сал тинчиши керак. — Биз ҳам бемалол Исо билан гаплашиб олардик, — деб қўшиб қўйди Ёқуб. — Онажон, мен эрим учун керакман, — деди Ханна. — Унинг рухсатисиз мен кета олмайман. Сора ҳам онаси сингари жуда ғамгин кўринарди. — Ибодатхонада юз берган воқеадан кейин Унинг олдига кимнинг боргиси келади?! Марям уларнинг хоинлигидан хижолатда қолди. — Бирор марта бўлса ҳам акангиз сизларни алдаганига гувоҳ бўлганмисизлар? — Йўқ, онажон, — Ёқубнинг кўз олди қоронғулашди. — Лекин У ҳеч қачон Ўзини Худо деб эълон қилмаган эди. — У ҳақиқатдан ҳам Парвардигорнинг Ўғли, — Марямнинг фарзандлари хайрон бўлишганича унга тикилишди. Она яна бир бор Парвардигорнинг фариштаси унга намоён бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Муқаддас Руҳ унинг устига тушиб, Худойи Таолонинг қудрати уни қоплаганини, туғилажак бола Худонинг Ўғли деб ном олишини айтиб берди. Болаларининг отаси — Юсуфнинг тушига Худонинг фариштаси кириб, Марямнинг вужудидаги ҳомила Муқаддас Руҳдан пайдо бўлганлигини аён қилгани, Исо туғулгунга қадар Юсуф Марямга қўл текизмаганини, Байтлаҳм узра шарқда кўринган юлдузни, мунажжимларнинг зиёратини, шоҳ Хироднинг Чақалоқни ўлдирмоқчи бўлганини Марям сўзлаб берди. Она ҳикоясини тугатгач, ҳар бир фарзандига синчиклаб қараб чиқди ва чуқур хўрсинди. — Нега сизлар менга ишонмайсизлар? Ёқуб қўлларини тиззалари орасига олиб, бошини қуйи солди. Унинг нигоҳида безовталик акс этиб турарди. — Бизлар болалар қандай туғилишини биламиз. Исо — бизнинг акамиз, биз Уни яхши кўрамиз. — Мени ёлғон гапиряпти, деб ўйлабсизлар-да. Аслида эса фарзандлар ҳақиқатдан кўра ёлғон миш-мишларни афзал кўришди. — Бизнинг фикримизча, — деди Ёқуб ҳаммага бир-бир қараб, сўнг нигоҳини Марямга қадади, — сизни чалғитишган, сиз хато ўйлаяпсиз. Марямда нафрат, жирканиш ҳисси пайдо бўлди. — Мени чалғитишди? Қандай қилиб? Ким? Сизларнинг отангиз Юсуфми? Исодан бўлак бирорта солиҳни сиз ҳеч учратганмисиз? Юсуф каби Исо ҳам Худога хизмат қилишга интилади-ку! Нима, сизнингча, Исо доим ҳаққоний, олийжаноб, пок ишлар қилмаганми… Ёқуб бош чақади. — У қонунни бажаради, айнан шу ҳам Унинг Раббий эмаслигини исботлайди. Марям ўрнидан турди. У болаларидан ғазабланди. Яна ҳам даҳшатлироғи, уларнинг тақдири онани хавотирга солди. Агар фарзандлари Масиҳни тан олишмаса, нима бўлади? — Бизлар Кафарнаҳумга борамиз. Акангиз сизларга ҳаммасини тушунтириб беради. * * * Ёқуб ва Юсуф Исо билан гаплашиш учун эрта туришди. Аммо Исо ҳар кунгидек танҳо Ўзи қиладиган сайрга чиқиб кетган экан. — У Ўзига шогирдлар деб билган одамлар бизга — Унинг укаларига Акамиз қаерга кетганини айтишни хоҳлашмади. Гўё улар Исонинг дўстлари эмас, балки шахсий соқчиларига ўхшайди! — деб арз қилишди Ёқуб билан Юсуф. «Укалари ва сингиллари Исонинг ваъзини эшитиб, Унинг ҳаёти ҳақиқий моҳиятини тушунишади», деб умид қиларди Марям. Лекин Унинг буғдой, мастак, дур ва хантал уруғи ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, фарзандлари янада чалғиб, адашиб кетишди. Укаларнинг Исодан хафа бўлишганининг сабаби — Унинг олдида кечаю кундуз уймалашиб юрган ҳар хил одамларга, қолаверса, қандайдир бегоналарга укаларига нисбатан У кўпроқ эътибор берарди. Кўпчилик Ундан илтимос қилишгани учун ҳар бирига диққат қилиб, укалари билан эса холи суҳбатлашиш учун вақти қолмади. Марямнинг ўғил-қизлари руҳонийларнинг Исога қилган муносабатларини кўриб чўчишса, У ҳаммани қабул қилаётганидан даҳшатга тушишарди. У ҳатто фоҳиша ва дарвешлар билан бир дастурхондан овқатланяпти! Марямнинг қизлари ва куёвлари икки кундан кейин Салмон ва Яҳудони олиб кетишди. Ёқуб билан Юсуф яна бир кунга қолишди. Сўнг оналарини улар билан Насрога қайтиб кетишга кўндирмоқчи бўлишди. — Биз Унга керак эмасмиз, онажон… Адашиб қолган қўйлар каби, Унинг орқасидан эргашиб юрадиган ўн иккита эркак бор. Исо ва Унинг укалари ўртасидаги қариндош-уруғчилик ришталари узилганини кўрган Марям, охир-оқибатда Юсуф ва Ёқуб билан кетишга рози бўлди. Фисиҳ байрами яқинлашиб келаётган эди. Марям Қуддусни ҳар йилгидек зиёрат қилишга тайёргарчилик кўриши керак. Албатта, Исо улар билан бирга шоҳ Довуд шаҳрига боради. Насродан чиқиш олдидан Марям билан укалар билишдики, Исо уларсиз кетиб қолибди. * * * — Ўғлинг Исо аллақачон шаҳарда, — деди Абиё Қуддусга болаларини олиб келгандан кейин Марямга. — У ибодатхона ҳовлиларида ваъз айтиб юрибди, — доно қария қовоғини солди. — Ҳамма У тўғрида гапиряпти, — деб қўшиб қўйди унинг хотини Роҳила. — Менимча, У Ўзига шогирдлар орттирибди. Абиё бош чайқади. — Фарзийларга Унинг таълимоти ёқмаяпти. — Насро аҳолисига ҳам, — деди хўмрайиб Юсуф. — Менинг эшитишимча, Унинг шогирдлари урф-одатларга риоя қилишмаяпти экан. — Қандай қилиб? — сўради Марям. — Улар овқатдан олдин одатдаги қўл ювиш маросимини ўтказишмас эмиш. Фарзийлар бу хусусда Унга савол беришганда, Исо шогирдларини иккиюзламачи дебди. — Иккиюзламачи? — сўради она астагина. Исо наҳотки Ўзини бошқаролмай қолган бўлса?! Марям бу ҳолатни кўз олдига келтиролмади. — Дўстимнинг айтишича, Исо шогирдларининг юзига: «Сизлар Худони оғзингизда ҳурмат қиласизлар, холос, аммо юрагингиз Худодан узоқ», дебди. Ўғлинг яна айтибдики, улар Худога беҳуда сажда қиляптилар экан, чунки шогирдлар одамларга инсоний таълим берар эканлар, — Марям қариндошининг гапиришига қараб юзи тобора қизариб борарди. — Шубҳасиз, авом халққа Унинг айтганлари жуда ёқади, — Абиё Марямга тикилди. — Ўғлинг бундай гапларни қаердан олган? Сен Ўғлинг билан гаплашгин, Унга одамларни ҳурмат қилиш кераклигини эслатгин. Чунки айнан шу одамлар бизнинг Худомизга қурбонликлар келтиришади! Сенинг Ўғлинг… Сенинг Ўғлинг… Қариндошининг овозида шубҳасиз, бу ерда қандайдир хатолик бор. Исо ҳеч қачон, ҳеч кимга беҳурмат муносабатда бўлмаган. — Агар У Ўзини шундай тутишни давом эттираверса, унда Ҳиродни ғазаблантириши, Унинг ҳаёти ҳам пайғамбар Яҳёнинг ҳаёти сингари барҳам топиши мумкин. — Абиё! — деб эрини жеркиди Роҳила. Марямни совуқ тер босди. — «Яҳёга ўхшаб» деганингда нимани назарда тутяпсан? Нима юз берди? — она болаларига ва қариндошларига бирма-бир қараб чиқди. — Сизлар мендан нимани яширяпсизлар? Ёқуб, Юсуф? Ёқубнинг юз мушаклари қимирлади. — Яҳё боши олинган. Марям бошини чангаллаб қолди. — Боши олинган? Марямнинг юзларидан ёш дуувиллаб оқди. Яҳё, Закариё ва Элизабетнинг ўғли Яҳё ўлдими? Исо онасининг қорнидалигидаёқ Уни таниган Яҳё ўлдими? — Бу олдинги давр билан боғлиқ масала, — деди Абиё. — Яҳё Ҳиродни ва Ҳиродиадани хиёнат қилишда айблаб, жар солиши қандай оқибатларга олиб келгани энди маълум. Яҳёнинг гапига қараганда, Ҳирод Ҳиродиадани хотинликка олиб катта гуноҳ қилган, чунки хотиннинг эри — Ҳироднинг акаси бўлиб, у ҳали тирик эди. Марям Абиёга тикилди. — Бу ҳақ гап. Бу гапнинг чинлигини ҳамма билади. Абиёнинг пуштиси чиқиб кетди. — Шубҳасиз, тўғри! Лекин ҳамманинг олдида бу ҳақда гапириш ғирт аҳмоқлик! Шоҳ Ҳирод Яҳёни ҳибсга олди. Менимча, шоҳ фақат, маълум вақт Яҳё халқдан сал йироқда бўлсин, деб ўйлаган. Айни шу пайтда шоҳнинг хотини Ҳиродиада эрининг туғилган кунига бағишлаб базм уюштирди. Ҳирод кўп ичиб, кайф бўлиб қолди. Ҳиродиаданинг қизи Соломея шоҳнинг илтимосига кўра рақсга тушди. Ҳирод унга истаган совғасини, ҳатто ярим шоҳликни тортиқ қилишга ваъда берди. Кейин нима бўлганини билиб олиш қийин эмас. Ҳиродиада ўч олиш мақсадида қизига: «Яҳёнинг бошини кумуш лаганда олиб келишларини сўра», деб гап ўргатди. Марям секингина бош чайқади. — Йўқ. Йўқ! Бундай юз бериши мумкин эмас! Бу янгиликка Марямнинг билдирган муносабати Абиёни ташвишлантирди, у гина-қудрат билан Марямнинг ўғилларига қаради. — Нега сизнинг онангиз ханузгача бундан бехабар? — Биз онамизни хавотирланишларини хоҳламадик, — деди Юсуф. — Исо уйда йўқлигида Яҳёни ҳибсга олиб кетишди. — Уйда йўқлигида? — Абиё нигоҳини яна ака-укаларга дамба- дам қаратди. — Бу қандай содир бўлган эди? — Исо Иордан дарёсида чўмдирилганидан кейин, — жавоб берди Ёқуб. Марям қўлларини тиззаси орасига олганча ўз хаёлларини жиловлашга ҳаракат қилди. Она ҳамма воқеалардан хабардор бўлишини ўғиллари исташмади, чунки Марямни заиф, бемажол деб ўйлашди, шекилли. Онасидан фарзандлар яна нимани беркитишяпти экан? — Яҳё Парвардигорнинг пайғамбари эди, — деди қатъиятлилик билан она. — Кимлардир шундай деб ҳисоблайди, — деди киноя билан Абиё. Марям бошини кўтариб эркакларга қаради: — Парвардигорнинг пайғамбари фақат рост гапиради. Ёқуб қовоғини солди. — Шундай йўл тутган пайғамбарларнинг бариси ўлдирилган. Абиё унга қаради. — Агар аканг ҳаммани ҳақорат қилаверса, У ҳам ўлдирилади. Марямнинг кўзлари чақнаб кетди. — Худонинг Ўзи менинг қорнимдан Исони туғдириб олди, У кичиклигидан Ўз Самовий Отасига бўйсунишни ўргатди. Ҳомила пайдо бўлиши биланоқ Худога бағишланган эди. Абиё ва Роҳила оғизлари очилганча анқайиб қолишди. Абиё Ёқубга қаради. — Бу тўғрида онанг менинг фикримни билмоқчими? — Онам бунга ишонадилар, — деб жавоб берди Ёқуб. Сўнг онасига қаради, безовталаниб бошини эгди. — Эй, аёл, — деди Абиё Марямга раҳми келиб. — Сенинг ақлинг жойида эмас. Агар ҳар йили Қуддусга олиб келиб, менинг дастурхоним атрофида ўтирган болакайни… Масиҳ деб ўйласанг… Абиё ўрнидан турди-да, Марямдан жиркангандай бўлиб ундан нари кетди. Марям елкасига қўйилган қўлни Роҳиланики эканини англади. — Марям, жонажон дугонам Марям! Сен меҳрибон аёлсан, аммо ҳақиқатдан ҳам Парвардигорнинг Ёғ Суртилганини туғиб бериш учун ўзингни лойиқ ва танлаб олинган аёл деб ўйлайсанми? Эри оддий дурадгор бўлган, Насролик бир бечора аёл-а? — Бизнинг отамиз шоҳ Довуд наслидан, — деди Яҳудо ўзини камситилгандай ҳисоблаб. — Исроилда сизнинг отангизга қараганда юқори табақаларга мансуб бўлган кўплаб эркаклар бор, — деди киноя билан Абиё ва қўлларини тепага кўтарди. — Бизнинг ўз қариндошларимизга қарши ҳеч қандай хусуматимиз йўқ. Отанг жуда яхши одам эди. Юсуф — содиқ ва фидокор инсон эди. Лекин у Масиҳнинг отаси эканлигига ишониш қийин! — Исо унинг ўғли эмас, — қўшиб қўйди Марям. — Онажон! — терслик билан Ёқуб онасини тўхтатди. Нафратдан унинг кўзлари қизариб кетди. — Бу уйдагилар аслида нима юз берганлигини билишади! Марям тутақиб кетди. У ўтирганларга бирма-бир қараб чиқди. — Худо Исони сақлайди. Исо ўлмайди! У Масиҳ! У Парвардигорнинг Ёғ Суртилгани, ваъда этилган Нажоткор. — Худонинг қўли Унда. Аммо қариндошларининг нигоҳидан улар Марямга ишонишмаётганини, бинобарин, Исога ҳам ишонишмаётганини аёл англади. * * * Марям Насрога ҳафсаласи пир бўлиб қайтди. Фисиҳ байрами ҳафтасида унинг оиласидаги вазият ниҳоятда таранглашди. Марямнинг қариндошлари қайта-қайта унга: «Фарзандларингга, Исога бирор мудҳиш воқеа содир бўлмасдан олдин яхшилаб гаплашиб олайлик», деб маслаҳат беришди. Лекин Абиёни Исонинг тақдири эмас, балки қариянинг ўйлашича, унинг Ўғли оила шаънига путур етказиб қўйишидан чўчиётганини Марям яхши билиб турарди. Ёқуб билан Юсуф Марямга Исонинг Кафарнаҳумга қайтиб кетганлигини, улар бориб акаси билан гаплашмоқчи эканликларини айтишганда, она ҳайрон бўлмади. Чунки укалари ҳам акаси Исонинг тақдиридан ташвишланаётганликларини Марям билиб турарди. Қолаверса, Ёқуб ва Юсуф ибодатхонадан ҳайдалишларидан яна ҳам кўпроқ қўрқишарди. Исонинг сўнгги бор ибодатхонадаги қилиғидан раввиннинг ниҳоятда жаҳли чиққан, кимда ким Исонинг га-пига кириб, У — Масиҳ, яъни Ёғ Суртилганлигига ишонадиган бўлса, раввин очиқдан-очиқ дурадгорнинг Ўғли Исога ўхшаб ибодатхонага бошқа киргизмаслигини таъкидлаган эди. — Биз борамиз, — дейишди қатъийлик билан Ёқуб ва Юсуф. — Биз бориб акамиз Исо билан гаплашамиз, ана ўшанда, ойижон, сиз нохақлигингизни тушунасиз. Аммо улар Кафарнаҳумга келишгач, Бутруснинг уйи олдида тўпланган катта оломонни кўришди. Она билан болалар ҳатто эшикка ҳам яқинлаша олишмади. Ёқуб одамларни итариб, оломон ичидан йўл очишга харакат қилди. — Бизларни ўтказиб юборинглар! Бу — Исонинг онаси! Биз эса Унинг укаларимиз! Бу гапларни эшитган одамлар уларга қўлларини текизишар ва она билан болалар Худонинг марҳаматига сазовор бўлишганидан қувонишарди. Лекин барибир Ёқуб билан Юсуф эшикдан нарига ўтишолмади. Турган жойларидан Исонинг гапларини эшитишдию лекин Унинг Ўзини кўришолмади. Ичкарига киришнинг ҳеч иложи йўқ эди. Ёқуб олдида турган одамга: «Исога айтинг онангиз билан укаларингиз келибди, деб. У билан гаплашмоқчимиз», деб илтимос қилди. Бир неча дақиқадан сўнг кимдир овози борича бақириб гапираётганини Марям эшитди. — Онанг билан укаларинг эшик ортида туришибди. Улар Сен билан гаплашишмоқчи. — Ким Менинг онам? Ким Менинг укаларим? — Марям Исонинг овозини эшитди. — Мана Менинг онам, Менинг ака-укаларим? Кимда ким Самовий Отамнинг хоҳиш-иродасини бажарса, ўша Менга ака, ука, опа-сингил ва она! Атрофдагилар Марямга ва унинг ўғилларига бир назар ташлаб, сўнг тезгина уларга тескари қараб олишди. Уятдан Марямнинг юзлари қизариб, ёниб кетганлигини она ҳис этди. Сенинг Ўғлинг энди сенга зор эмас! Сендан воз кечиб юз ўгирмоқда! Мени Ўғлим яхши кўради. У Ўз укаларини ҳам севади. У мендан воз кечмаяпти. Йўқ! Ёқубнинг юзлари ғазабдан қизариб кетди. Юсуф эса докадай оқариб кетган, Яҳудо ва Салмон уялганларидан хижолат тортиб диллари хуфтон. Ёқуб эгилиб онасига пичирлади: — Ойижон, мана энди кўрдингизми? Ҳозир Унинг шогирдлари бор, издошлари кўп. Пушти камарингиздан бўлган Ўғлингиз бизлардан воз кечди. — Биз Уни кутиб турамиз. — Нима учун? — хайрон бўлди Юсуф. — Бизни янада камситиши учунми? Текин томошабинларнинг нигоҳидан асраш мақсадида Ёқуб онасини қучоқлаб олди. — Биз кетамиз, — деди у дарғазаб бўлиб. Марямнинг тортишуви болалари билан батамом алоқасини узишга олиб келиши мумкинлигини она тушунди. Шунинг учун у олдинига индамай ўғилларига эргашди, аммо кейин уларга эътироз билдирди: — Сизлар ғоят такаббурсизлар. Нима, бизлар келишимиз биланоқ Исо жим бўлиб қолиши керакмиди?! Она, ўғилларим баттар тутақиб кетишмасин, деб Исо Парвардигорнинг истагини бажараётганини уларга эслатгиси келмади. — Бизлар Уни яхши кўрганимиз учун келган эдик. Ҳаммаси аксинча бўлиб чиқди: У бизга нисбатан кўрсатган қўпол муомаласининг гувоҳи бўлдик! — деди Салмон, унинг юзларидан кўз ёшлари дувиллаб оқарди. — Бизлар Унинг ҳаёти Яҳёники сингари тугашини, Унинг боши лаганда туришини асло хоҳламаймиз! Марям кичик ўғилларини қучоқлаб олиб, Ёқуб билан Юсуфга қаради. — Уни кутиб турайлик. Кутайлик! Ахир, сизлар шунча узоқ йўл босиб келдингизлар. Ундан юз ўгириш учунми? — Бизга тескари қараган Исо бўлади, — деди Ёқуб бошини хам қилиб. Лекин Марям унинг кўзларида ялтираган ёшларни кўришга улгурди. Она хафагарчилик ёки нафрат оғушида қолишни истамади. У фарзандларига қараганда Исони яхши биларди. Она Уни кўкраги билан боқмаганмиди, ёки У улғайиб, ҳақиқий эркакка айланишини кузатмаганмиди?! Ҳатто ҳозир ҳам болаларига эргашиб Кафарнаҳумдан кетар экан, ҳамон уларни тўхтатишга харакат қиларди. — Акангиз охирги марта Насрода бўлганда, У айтиб берган ҳикояни эслаб кўринг. У халққа Самовий Шоҳлик ҳақида гапирган эди. Парвардигорнинг фарзанди бўлиш қандайлигини ҳам айтган. У бизга қараганда бошқачароқ фикр юритади. Унинг ҳаёт йўли оддий одамнинг йўлидан фарқ қилади. Унинг йўли — бизнинг йўлимиз эмас, — Марям ўз эътиқоди ҳақида гап бошлаган эди ҳамки, уни қатъий ишонч хисси қамраб олди, шундан кейин бироз бўлса-да тасалли топди. — Ўғилларим, Исо биздан воз кечгани йўқ. Олдига Худо нимани хоҳлаётганлигини билгани ва Унга қулоқ солгани келган барча одамларни У қабул қилади, — она Ўғлининг гапларини эшитиш ниятида бўйинларини чўзиб турган одамларга назар ташлади. — Кимда ким Худога эҳтиёж сезганлигини ҳис этса, барча мўмин-қобилларни, бемажолларни, ғам чекаётганларни, ҳақиқатни билишни истаётганларни… — Марям Ёқубни тўхтатмоқчи бўлиб қўлини унинг елкасига қўйди. — Сен Унинг қанақалигини биласан, Ёқуб! Юсуф, Салмон, Яҳудо, сизлар ҳам Уни биласизлар. Нега сизлар, Исо бизни севмайди, деб ўйлайсизлар? Аммо ўғиллар оналарини эшитишни хоҳлашмади. Марям Кафарнаҳумда қолишни жуда хоҳларди. Агарда у ҳозир қолса, Юсуфнинг ўғиллари, Исо каби онамиз ҳам биздан воз кечди, деб ўйлашлари аниқ. Бунга Марямнинг ишончи комил. Шундай қилиб, юрагида оғир юк билан Марям уйга қараб йўлга тушди. Қадам-бақадам Исодан узоқлашар экан, она ўзини борган сари ёлғиз, танҳо сезарди. Ҳар ким ўз йўлини ўзи танлаши керак. Бу сўзлар қулоғи остида қаттиқ жарангласа-да, қаттиқ тошдай юрагини эзғиларди. Онаси Исони яхши кўришини Унинг Ўзи билади. Она Унга ишонишини ҳам билади. Марям ўз болаларини ташлаб кетолмаслигини Исо тушунса керак. Ҳар ким ўз йўлини ўзи танлаши керак. Агар Марям ҳозир ўғилларини ёлғизлатиб қўйса, унда фарзандлар, онамиз бизга қараганда Исони ортиқ кўради, деб хафа бўлиб жаҳллари чиқиши мумкин. Ҳар ким ўз йўлини ўзи танлаши керак. Марям болалари билан бирга Кафарнаҳумдан қанчалик узоқла-шаётган бўлса, унинг Ўғли Исонинг овози шунчалик паст эшитилаверди… Юрагидаги оғриқ эса тобора кучайиб бораверди. * * * Марямнинг опаси билан поччаси Насродан кетаётиб қариндошининг уйига хайрлашиш учун киришди. — Биз бу масала юзасидан бир неча ой гаплашдик. Охир оқибатда ўз уйимизни, ишимизни ташлаб кетиб, Ўғлингнинг издошлари бўлишга аҳд қилдик. Марямнинг кўзларидан ёшлар оқди. Мана, ниҳоят, опаси ва поччаси Исога тўла ишонч ҳосил қилишибди! Она, бундай кун ҳеч келмаса керак, деб ўйларди. — Тўхтаб туринглар! — деди Марям ва шошилганича сандиқ томон кетди. Сандиқдан қутича олди. Бу қутичанинг ичида мунажжимлар берган совғалардан қолгани бор эди. Марям халтачага хушбўй тутатқи ва олтинни солиб, опасига узатди. — Булар Исога аталган, Унга бериб қўйинглар. — Нега сен биз билан бормаяпсан? — Мен болаларимни тўғри, ҳақ йўлга солишим керак. Шу воқеадан сўнг Марям фарзандларини олиб, Фисиҳ байрамини нишонлаш мақсадида Қуддусга жўнади. Она ҳали имонга келмаган қариндошлари билан ўтирганда, бехосдан шоҳ Ҳирод Исони ахтараётгани, Яҳё пайғамбар қайта тирилиб, Масиҳда намоён бўлганлиги тўғрисидаги мишмишларни эшитиб қолди. Юқори табақадаги одамларнинг Марямнинг Ўғлига нисбатан нафрати тобора кучайиб борарди. Исо Генисарет[16] кўлини муваффақиятли кечиб ўтиб, кўлнинг нариги соҳилида воизлик қилаётган эди. Марям Насрога қайтгач, Исо Жалилани тарк этиб, Иордан ортидаги Яҳудога борганини билди. Уни Сидон ва Тирда бўлганлигини ҳам она эшитди. Нега энди унинг Ўғли доим бутпарастларнинг ичида юрибди? Ахир, бутун Исроил Масиҳни кутяпти-ку! Кунлар ўтган сари унинг Ўғли Исо онасидан тобора узоқлашаётганини, кичик ўғилларининг юраклари эса тошдай қотиб бораётганини Марям ҳис этарди. — Мен Унинг олдига боргим келяпти, — деди Марям йиғлаб. — Мен Ўғлимни соғиндим! Қайсар ўғилларни тўғри йўлга солиш учун Марямнинг қилган ҳаракатлари зое кетди. Она болаларининг ўй-фикрларини, юракларини ўзи билган ҳақиқатга буришга ожизлик қилди. — Исо — Ёғ Суртилгандир, барҳаёт Худонинг Ўғлидир! Эй, Эгам, Исроилнинг Худоси, раҳмдил Парвардигор! Нега ўғилларим бунчалик ўжар? Мен уларни ҳеч қўлга ололмаяпман. Эй, Эгам, мен уларни Сенинг қўлингга топширяпман. Уларга илтифот кўрсат. Сендан илтимос қиламан, раҳм-шафқат қил! — Ойижон, сиз У билан Кафарнаҳумда гаплашмоқчи бўлдингиз, — деб баҳслашишарди она билан ўғиллар. — Нима бўлгани эсингизда йўқми? Унинг исмини улуғлаб жар соладиган минглаб издошлари бор. Унинг шахсий дўстлар доираси мавжуд. Бутун Яҳудода У машҳур. Бизлар бошқа Унга керак эмасмиз. Исо укаларини яхши кўришини такрор ва такрор эслатиш бефойда. Олдинлари Исо уларни тиззасига ўтирғизиб, турли ҳикояларни сўзлаб берганда, улар катта қизиқиш билан тинглашганини, улар билан бирга кулишиб ҳунар ўргатганини, тинмай укаларига меҳри-бонлик қилганини, нафақат оила аъзоларини, балки таниш-билишларнинг меҳрини қозонганини укаларига яна бир бор айтишнинг фойдаси йўқ эди. Ўз севгисини исботлаш учун Исо яна нима қилиши керак? Орадан бир йил, сўнг икки йил ўтди. Исонинг айтганларини бажариш вақти шиддат билан яқинлашиб келаётганини Марям тушунарди. Она ўз йўлини ўзи танлаши керак эди. Марям ўттиз уч йил олдин танлаган йўлни яна бир бор танлаши кераклигини яхши биларди. Она Парвардигорга «ҳа» дейиши керак. Бу танлаган йўли қанчалик қимматга тушиши мумкинлигини ҳалиям ўйлашни бас қилиши лозим. Ҳатто болаларини ташлаб кетишга тўғри келган тақдирда ҳам. Еттинчи боб Марям болалари билан бирга Қуддусга Фисиҳ байрамига бораётган эди. Йўлда кимни учратишса, йўловчилар Исо ҳақида, Унинг кўрсатаётган мўъжизалари, Унинг ваъзлари ҳақида гапиришарди. Кейинги йили У Қуддусга Фисиҳ байрамига келмади — бутун оломонни бешта нон ва иккита балиқ билан тўйдиргандан сўнг, Исо ўн икки шогирди билан биргаликда бир ҳафта саҳрода яшади. — Буларнинг ҳаммаси беҳуда гап, сафсата, — деди Марямнинг ёнида турган кимдир. — Мен сизга айтяпман, бу одам — Эгамизнинг пайғамбари. — У менинг акам, — деди фахрланиб Салмон. Нотаниш одамлар кулиб юборишди. — Сенинг аканг! — улар Салмонни калака қилиб тиржайиш-ди. — Нега унда сен У билан бирга эмассан? Бу воқеадан кейин Марямнинг қизлари ва ўғиллари ўзларини турли мулоҳазалардан тортиб юрадиган бўлишди. Лекин кўпинча бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашишар, кўринишлари ҳам ташвишли эди. Улар кимни учратишмасин, ҳамма Исо тўғрисида гапирар, шу йили Назр қилинган Қуддусга келишига ва одамлар Уни кўришига умид қилишар эди. Марям ниҳоятда ҳавотирланган ва эшитганлари тўғрисида ўйларди. Исони шунчалик орзиқиб кутаётган одамлар кимлар экан? Улар най чалаётган кичкина болалар каби эдилар, гўё Исо келадию уларнинг сурнайларига рақсга тушади. Одамлар фақат Марямнинг Ўғли қилган ишлари тўғрисида гапиришарди, холос, Унинг муқаддас бурчлари ҳақида эса эслашмасди ҳам. Халқ Унинг мўъжизаларини кўришни, пул тўламай нонидан ейишни, ўз душманларини Унинг қўлидан мағлуб бўлиб ерда ётишини истар эди. Унинг Ўғли одамларнинг тантиқликларини бажариш учун эмас, балки Парвардигорнинг хоҳиш-иродасини адо этишга туғилган. «Буларни Исо қай тарзда амалга оширади?» — савол берарди ўзига ўзи Марям. Рим оломонига ўхшаб халқ сайр-томошани, ўйин-кулгини хоҳлаб турса, қандай қилиб унинг Ўғли одамларга нажот олиб келади?! Агар Исо уларнинг хоҳишларини ёки истагини амалга оширмаса, халқ Уни аллақачон тилка-пора қилиб ташлаган бўларди. Марямнинг елкасида чумоли ўрмалагандай бўлиб, баданлари жимирлаб кетди. Исо укаларининг айтганларини қилмаганда, ўйлаган ниятларини амалга оширмаганда, улар акасига ташланишмасмиди? Ўзиники шундай қилиб тургандан кейин, бегоналар Унга нисбатан бошқача муносабатда бўлишларига онанинг ишониши мумкинми?! Қуддус дарвозаларига яқинлашгач, Марям кимнингдир, Назр қилинган Байтанияда бўлди, деган гапини эшитиб қолди. — Юринглар, Уни ўша ерда кутиб оламиз, — деди она болаларига. — Акангизни топиб, У билан бирга қоламиз. — Балки, бизнинг ёрдамимиз Унга тегиб қолар, — деди Ёқуб. Унинг кўриниши онасиники каби безовта эди. Ҳозирда оила бошлиғи сифатида Ёқубнинг айтган гапига ҳамма рози бўлди. Салмон ва Яҳудо Исо ҳақидаги гаплардан тўлқинланиб кетишди. Ҳадеб Парвардигорнинг Каломини эшитиб, Унинг таълимотини ўрганишдан кўра, бошқа одамларга ўхшаб Исо намойиш этаётган мўъжизаларнинг гувоҳи бўлмоқчи эдилар. Йўлни давом эттиришдан олдин она ва болалар қандайдир бақир-чақир овозларни эшитишди: — Довуднинг Ўғлига ҳамду санолар бўлсин! Парвардигорнинг номи ила келаётганни Худонинг Ўзи сийлаган! Худога ҳамду санолар бўлсин! Ҳайқириқлар тобора авж оларди, улар ерни ларзага солиб одамни гангитиб қўйди. Марямнинг юраги ҳапқириб урарди. Халқ унинг Қуддусга келаётган Ўғлини кутиб олаётганини пайқаб она югурди. Ниҳоят, Исо — Масиҳ эканлигини эълон қилиб айтиладиган кун етиб келди! Она узоқдан Уни кўрди. У йўлдан тепага кўтарилар, Унинг издошлари қўлларидаги пальма шохларини силкитиб, Унинг исмини бақириб айтишарди. Эркаклар ва аёллар Унинг оёқлари остига кийимларини ташлашди. Бошқалар дарахтлардан шохларни синдириб олиб, Унинг оёқлари остига поёндоз қилиб тўшашди. Одамлар шунчалик кўп эдики, Марям ва унинг болалари Исога яқинлаша олмадилар. — Мана Исо, Насролик пайғамбар, — дейишарди Уни ўраб олган одамлар. «У пайғамбар эмас, — деб бақирмоқчи бўлди Марям. — У Парвардигорнинг Ўғли! У — Масиҳ!» Ҳайратланган Марям болаларини қолдириб олдинга қараб отилди. Она йўл бўйида турган оломон ичидан сурилиб У томон юра бош-лади. — Исо! Исо! Марям Ундан қолиб кетмасликка харакат қиларди, лекин Исо шаҳарга кириб борганда, она Уни йўқотиб қўйди. Оломон бир чайқалиб Марямни дарвоза томон суриб олиб кетди. — Ойижон! — деб бақирди Ёқуб ва халойиқ оқими олиб кетаётган онаси томон шошилди. Оломонни ёриб ўтиб Ёқуб онасини маҳкам қучоқлади, укалари Юсуф, Салмон ва Яҳудоларга тезроқ етиб олиш мақсадида онасини тортди. Мана улар яна Исо кетидан тўлқин каби чайқалиб кетаётган оломон билан бирлашди. — У ибодатхона томонга, Маъбадга кетяпти, — деди Марям нафаси қисилиб. — У Ўзини эълон қилгани кетяпти! Онаизорни кимдир итарди, яна кимдир қисди, лекин Марям жон-жаҳди билан шаҳар кўчаларида туртиниб, қоқиниб бўлса ҳам, Исонинг орқасидан бораверди. Маъбаднинг зинапояларига яқинла-шишганда, Марям ҳайқириқ овозларини эшитди, қўллари билан бошларини беркитиб ибодатхонадан қочиб чиқаётган бой савдогарларни ва руҳонийларни кўрди. Ибодатхонанинг устунлари орасидан каптарлар учиб чиқиб шаҳар бўйлаб тарқалиб кетди. Онага Исонинг овози эшитилгандай туюлди. — Менинг Отамнинг уйини савдохонага айлантирманглар! — Нима бўлди? — деб сўрашди одамлар. — У пул айирбошловчиларнинг ва савдогарларнинг хонтахталарини ағдариб ташлади! — деди кимдир кулимсираб Марямнинг орқасидан. — Исо арқондан дарра қилиб пул айирбошловчиларни ҳайдаб чиқарди! Ёқубнинг ранги оқариб кетди, Юсуф бўлса ҳушёр тортди. Салмон ва Яҳудо ўз кўзлари билан кўриш учун яқинроқ боришга харакат қилишди. Марямнинг қизлари ва уларнинг эрлари ниҳоятда қўрқиб кетишди. Омманинг катта қисми ҳар томонлама уларни сиқа бошлади. Чунки кўпчилик ибодатхонанинг ичига кириб нима бўлаётганини кўрмоқчи эди. — Агар бу исён бўлса, ҳозир бу ерга Рим аскарлари етиб кела-ди, — деди Ёқуб. — Унда Исони ҳоли нима кечади? Аммо Марям Ёқубнинг гапларини эшитмади. Фисиҳ байрами ҳафталиги бошланди. Парвардигорнинг Маъбадидан ҳамма макруҳ нарсалар йўқ қилинишига амр берилган. Бир неча йил олдин, Исонинг айтиши бўйича, У Ўз Отасининг уйида, Маъбадда бўлмоғи керак эди. Мана энди У ўша ерда, энди гуноҳкорларни қувиб чиқарди. — Мана энди ҳаммаси жойида бўлади, — деди Марям, унинг кўзларидан ёшлар оқди. — Парвардигор айтган кун келди! * * * Марям ўз оила аъзолари билан Маъбадга кирган вақтда, Исо кетиб бўлган эди. Ҳамма Уни ахтарарди. — У Байтанияга қайтиб кетибди, — деди кимдир. Бошқалар бўлса: «У Байтанияда қачонлардир бир одамни ўликдан тирилтирган экан, шу одамнинг ёнига кетганмиш», деб айтишди. Жуда чарчаб, ҳолдан тойган Марям Абиёнинг уйига борди, қариндошлариникида қолди. Онанинг кўзлари жиқ тўла ёш, жимгина ўтириб қариндош-уруғларининг баҳсларини тинглади. Улар, Исо кейинги сафар қандай мўъжиза кўрсатар экан, деб мунозара қилишар эди. «У қаерда бўлиши мумкин?» — деб сўради Марям ўзидан ўзи. Балки Исо бир пана жой топиб, у ерда бирпас бўлсада ёлғиз қолиб, фикрини бир ерга йиғиб олмоқчимикан? Она Унинг қандай режалари борлигини, қачон Ўғли билан бирга бўлишини ўйлаб ўтирар эди. Марям кўзларини юмди, хаёлан кўп йиллар ортга қайтди. Фисиҳ байрамини Юсуф ва Исо билан учалови қандай нишонлашганини эслади. Аввал ҳам онаизор ўз Ўғлидан ажратиб юборилган эди. Она эртага эрталаб Исо яна шаҳарга қайтишини ва у Ўғлини Маъбадда учратиши мумкинлигини ўйлаб тинчланди ва хотиржам уйқуга кетди. * * * Кун бўйи Марям ибодатхонада аёллар учун ажратилган жойда бир ров бўлса ҳам ўз Ўғлини кўриш мақсадида ўтирди. У ибодат қилиб бўлгач, келиб кетаётган эркак ва аёлларни кузатди, Ўғли ҳақидаги турли миш-мишларни эшитди. — Фарзийларнинг гапларига қараганда, У зулмат беги Болзабулнинг кучи билан жинларни қувяпти эмиш. — Назр қилинган: «Ўз ичидан бўлинган уй вайрон бўлишга ҳукм қилинган», деб ваъз қилибди. Устунлар орасидан руҳонийлар мағрурона қадам босиб ўтишди. Улар Исони муҳокама қилишарди. — Бизлар Ундан исбот учун мўъжиза талаб қилсак, У бизни безбетларча ёвуз ва мунофиқ зотлар, деди-я! — Марям! Марям қайрилиб қараса, унинг ёнига опаси қучоғини очганича югуриб келаётган экан. Улар хурсандликларидан қучоқлашиб кўришишди. — Ўғлим, менинг Ўғлим қалай? — деб сўради Марям йиғлаганича. — О, У нақадар ажойиб! Марям, сен Унинг ваъзини эшитишинг керак. Сенинг ўғилларинг шу ердами? Қизларинг-чи? Ўша куни унинг ўғиллари эрталаб Маъбадга келишган эди. Улар онасини аёллар учун ажратилган ховлида қолдириб, ўзлари Исо билан гаплашиб олиш учун Уни ахтариб ичкарига кириб кетишди. Ўғиллари акасини кўпроқ тинглашга, ўзлари эса камроқ гапиришларига Марям умид қиларди. — Юр мен билан, — деди опаси, улар қучоқлаганича тўпланган ҳотинларнинг орасидан ўтишди. — Сен менинг опа-сингилларим билан учрашишингни истайман. Опаси уни Магдалалик Марямга, Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марямга, Жалиладан Исога эргашиб келган хотинларга таништирди. Аёлларнинг ҳар бири Исо уларни қандай қилиб қутқарганлиги тўғрисида сўзлаб беришди. Магдалалик Марямни инсу жинслар чалган экан. Кимдир кўр ёки шол, яна кимдир оғир касал бўлиб ҳаётдан умидларини узган экан. Марям дарду аламдан уларга қўшилиб йиғласа, уларнинг шодлигини баҳам кўриб хурсанд бўларди. Шубҳасиз, халқ унинг Ўғлини бу аёллар ва Унинг шогирдлари каби қабул қилди. Маъбад одамга лиқ тўла. Бу одамлар Исроилнинг Нажоткорини кўришга ва Парвардигорнинг каломини эшитишга муштоқ эди. Исроил тавба қилади, одамлар Иброҳим, Исоқ ва Ёқубнинг ягона Худосига сажда қилишади. — Эй фарзийлар, тафсирчилар, ҳолингизга вой. Эй мунофиқ-лар! — Исонинг нафрат тўла овозидан Марям қизариб кетди. — Сизлар Самовий Шоҳликка кирмайсизлар. Қолаверса, хоҳловчиларнинг киришига ҳам йўл қўймайсизлар. Катта устунлар орасида Исо кўрингач, оломон ичида норозилик овозлари эшитилди. Унинг юз кўринишидан ва хатти-харакатидан Исонинг ғазаблангани яққол сезилиб турарди. — Ҳолингизга вой, эй фарзийлар ва тафсирчилар! Сизлар беваларнинг ҳақини еб, риёкорлик билан узоқ вақт ибодат қиласизлар. Аммо сизлар шундай йўл тутганингиз учун ҳукм қилинасизлар! Тўпланганларнинг тобора қаҳр-ғазаби ошиб бораётганлигини кўрган Марямнинг қўрқувдан юраги қинидан чиққудай бўлиб урарди. Исо уларни қоралар, оломон бақирарди. Аммо Ўғил уларнинг гапини бўлди. — Ҳолингизга вой, фарзийлар ва тафсирчилар! Сизлар суву қуруқликдан ўтиб, бирор кимсани ўзингизга оғдирмоқчи бўласизлар. Ниятингизга етганингиздан сўнг, у бадбахтни ўзингизга қараганда икки баробар баттар қилиб, жаҳаннамнинг ўғлига айлантирасиз. Марям ўғилларига разм солди. Уларнинг юзлари қўрқувдан докадай оқарган, афтилари буришган. Улар одамларнинг гапсўзларидан қўрқишарди. Она буни ўғилларининг одамларга аланг-жаланг бўлиб қарашларидан, Марямга бўлса илтижо қилаётгандай боқишларидан англади. Она уларнинг оҳу зорини эшитаётгандай бўлди: «Онажон, бирор нима қилинг. Бизни — ҳаммамизни ибодатхонадан шармандаларча қувиб чиқаришмасларидан олдин Уни тўхтатинг». Исо иккиюзламачи руҳонийларнинг, оқсоқолларнинг ниқобларини йиртиб, асл қиёфаларини фош этаётганини эшитган онанинг юзлари ловуллаб ёнарди. Исонинг тўғри гапираётганини ҳамма биларди, аммо ҳеч ким бу тўғрида очиқдан-очиқ айтишга журъат қилолмас эди. Марямнинг юраги дук-дук урганича, ибодатхонанинг у ёғидан-бу ёғига юрган Исога қараб турарди. Унинг босиққина, мўмингина Ўғли қани? Унинг Ўғли Насродаги боғда зайтун дарахтининг тагида ўтириб олиб доимо Муқаддас Ёзувни мулоҳаза қиларди; унинг Ўғли кўп вақтини ибодатхонада Тавротни ўқишга ажратар эди; унинг Ўғли Жалиладаги тоғларга ибодат қилиш учун борарди. Исонинг кучли ва матонатли овози Марямни ларзага келтирди. Агар ҳозир Исо Маъбаднинг улкан устунларига, йиқил, деб амр берса, гўё устунлар ер билан яксон бўлаётгандай туюларди онага. — Сизлар олаётган даромадингизни юздан бир қисмини халққа берасизлар, холос, қолганини эса чўнтагингизга урасизлар: меҳр ва мурувват, ишонч ва эътиқод қани? Эй сўқир йўлбошчилар! Чивинни олиб қолиб, туянинг думини кўрсатмай ютиб юборадиган баднафслар! Марям ҳеч қачон Исо бундай дарғазаб бўлганини кўрмагани учун, ҳозир Унинг бир нигоҳидан она титраб кетарди. Исо руҳонийларнинг кўзларига тикилганича қараб турарди. Унинг овози қатъият билан жарангларди. Руҳонийларга ўхшаб бақириб гапирмаса-да, лекин Унинг овози бутун ибодатхонага эшитилиб барчани Ўзига жалб қиларди. — Илонлар, заҳарли илондан тарқаганлар! Дўзах, жаҳаннам ўтидан қандай қочиб қутиласизлар? Мана, Мен сизларга доно ва тафсирчи пайғамбарларни жўнатяпман. Сизлар улардан баъзиларини тепиб ташлайсизлар ёки ўлдирасизлар, баъзиларини эса ибодат-хонангизда дўппослайсизлар. Ерда тўкилган қонларнинг гуноҳи, адолатли Ҳобилнинг қонидан тортиб то Бархиёнинг ўғли Закариёнинг, ҳа-ҳа, ибодатхона ва қурбонгоҳ орасида ўлдирилган Закариё қонининг гуноҳигача сизнинг бўйнингизда бўлади. Мен сизларга чин дилдан гапиряпман, буларнинг ҳаммаси тақдирда ёзилган, — Исо бошини кўтариб, йиғлаб юборди. — Оҳ, Қуддус, Қуддус! Сенга жўнатилган пайғамбарларни тошбўрон қилиб дўппослаган Қуддус! Мен неча бор сенинг болаларингни полапонлар каби Ўз қанотларим билан ҳимоя қилмоқчи бўлдим, лекин сизлар хоҳламадингизлар! — Исо яна йўлбошчи раҳнамоларга қаради, қора кийимлар кийиб, эгниларига ридо ёпиб олган фарзийларга ва тафсирчиларга қўли билан ишора қилди. — Бугундан бошлаб мана шу уй сизларга бўш қолади, чунки Мен шундай айтяпман. То сизлар: «Худонинг номи билан Келган марҳаматлангандир!» — деб айтмагунларингча, Мени бошқа бу ерда кўрмайсизлар! Исо шиддат билан қайрилиб ибодатхонадан чиқиб кетди. Бир неча дақиқа сукунат ҳукм сурди… Сўнгра бирдан адоват ва қаҳр-ғазаб ибодатхона деворларини ларзага келтирди. Саросимага тушган одамлар бир-бирини итариб, тинмай бақиришарди. Марям шошилиб чиқиб кетаётган ўғилларини кўрди. Она билан гаплашиб турган аёллар Устозига эргашиб зинапоялар томон юрган оломон ичида тарқалиб кетди. Марям аёллардан ажралиб қолди. Уни кимдир тирсаги билан итарди, кимдир елкасидан қаттиқ туртиб ўтди. Бир амаллаб онаизор эшик олдига етиб келганда, Ўғли аллақачон кетиб бўлган эди. * * * Изтиробдан эзилган, чарчаган Марям Абиёнинг уйига маъюс ҳолда қайтиб келди. Фарзандлари уни ўраб олишди. — Мен Уни топа олмадим. Байтаниягача бориб келдим, лекин У ҳеч қаерда йўқ. — Агар У ҳақиқатдан ҳам ақлли бўлса, одамларнинг кўзига кўринмасликка харакат қилади ва Фисиҳ байрамидан кейин зудлик билан бу ердан жўнаб кетади, — деди Абиё. — Бўлиб ўтган воқеа яхшиликка олиб келмайди. Руҳонийлар ва халқнинг бошқа йўлбошчилари руҳоний Каяфанинг ҳовлисида тўпланишиб, Исо тўғрисида гаплашишаётган эди. — Исо фарзийлар ва тафсирчиларга қарши чиққанлигидан халқ исён кўтарса керак, деб ўйлаган эдим мен, — деди Юсуф. — Ҳамма бир-бирига роса бақирди-ей. — Исо қаерда бўлиши мумкин? — сўради Марям. — Балки У мохов дўстларининг ёки фоҳишаларнинг бириникида маза қилиб ўтиргандир. Чунки сизнинг Ўғлингиз Ўз оиласидан кўра, ўша тоифадаги одамлар билан бўлишни афзал деб билади. Ёқуб қизариб кетди. — Абиё, агар У сенинг уйингга келса, Уни уйингга киритармидинг? — Энди йўқ! Мен уйимнинг тўрини Унга бергандан кўра, чаёнга бўшатиб берганим маъқул. У барча фарзийларни, саддуқийларни ва Исроил руҳонийларини ҳақорат қилди. — Сенинг кўзларингни ва қулоқларингни Парвардигор ҳақиқат томонга очсин, — деди Марям ва бошига ёпинчиғини ташлаб йиғлаб юборди. * * * Марям кечаси билан босинқираб чиқди. Унинг тушига Исо кирди: У Маъбадда эмиш. У қаттиқ, бор овозича гапириб, қўлларини осмонга чўзармиш. Она уйғониб кетди, юраги кўкрагидан отилиб кетгидай бўлиб дукилларди. Хона қоронғу. Марям ўрнидан туриб астагина кўчага чиқди. Унга шундай туюляптими ёки ҳақиқатдан ҳам узоқдан дарғазаб овозлар эшитиляптими? Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит. Лекин у қандайдир хавф-хатарни ҳис этди. Борган сари бу хавфнинг ваҳимаси босарди. Унинг Ўғли қаерда экан-а? Болаларга бирор бир хавф-хатар келгудек бўлса, она албатта сезади. Эй, Парвардигор! Нега Сен Юсуф билан гаплашгандай, мен билан сўзлашмайсан? Она қўллари билан юзини беркитди. Марям ким бўлибдики, Худодан ўз эҳтиёжларини талаб қилса? Ўшанда Насродан Исо билан кетиши керак эди. У билан бирга тоғдан тушиб, Уни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслиги зарур эди. Марям болаларига Исо — узоқ вақт кутилган Масиҳ эканлигини уқдириш ўрнига, она Ёқуб ва Юсуфни, Салмон ва Яҳудони, қизларини эрлари билан бирга Парвардигорнинг қўлига топширмоғи лозим эди. Парвардигор! Ҳали ҳамма нарсани жой-жойига қўйиш кеч эмаслигига мен умид қиламан. Эй, Худо, Уни топишга менга ёрдам бер! Марям тезгина кийинди-да, уйдан чиқиб кетди. У ибодатхонага йўл олар экан, тинмай Худодан Исонинг олдига етаклаб боришини илтижо қиларди. Она ибодатхона жойлашган тоққа кўтарилаётган эди, ёнидан кимдир бўкириб йиғлаганича югуриб ўтиб кетди. Марям кескин бурилди: бу одамни танигандай бўлди. У Исонинг шогирдларидан бири эди. — Яҳудо! — деб чакирди она унинг кетидан. — Яҳудо! Менинг Ўғлим қани? Аммо Яҳудо аллақачон қоронғулик қаърига сингиб кетди. * * * Марям Маъбаднинг катта устунларидан бирига суянганича мудраб ўтирган одамни кўрди. Она унга яқинлашиб: «Исонинг қаердалигини билмайсизми?» — деб сўраганда, у одам уйқусираб эснади-да, шундай жавоб берди: — Кечаси Уни Зайтун тоғидан олиб келишди. Қўрқиб кетганидан Марямнинг юраги тез уриб кетди. — Кимлар? — Олий руҳонийлар ва бошқа йўлбошчиларнинг ҳаммаси Унинг орқасидан кетишган эди. Улар Исони Каяфаникига олиб бориб, кечаси билан Унга қарши гувоҳлик беришди. Яқиндагина эса Уни Пўнтий Пилатнинг олдига олиб кетишди. — Нима учун? — Чунки олий руҳонийларнинг ҳаммаси Уни ёмон кўришади, ҳаммалари У қатл этилишини талаб қилишмоқда, — эркак бошини кўтарди ва қоп-қора кўзлари билан Марямга тикилди. — Қонун бўйича Худога шак келтирган тошбўрон қилиниб жазоланиши керакми? Ҳозирда ўз халқимиздан бўлган одамни ўлдиришга ҳақимиз йўқ, шунинг учун римликлардан рухсат сўрашимиз керак. Марям довдираб ўзини орқага ташлади. Бу одамни у аввал ҳам қаердадир кўргандай эди. Лекин қаерда? Қачон? Эркак астагина ўрнидан қўзғалди, унинг қилаётган хатти-ҳаракати ўз ўлжасига заҳрини сочмоқчи бўлган заҳарли илонга ўхшарди. — Улар Ўғлингни ўлдиришади, Марям. Марям тахта бўлиб қотиб қолди. — Йўқ! — деб тисарилди она. — Йўқ, улар бундай қилишмайди! Чунки У Парвардигорнинг Ёғ суртилгани, У Масиҳ! — У машҳур «Мен Ўшаман», — деб тиржайди қора одам. — Улар бўлсалар Исони ўлдиришмоқчи. — Унинг шогирдлари У билан ёнма-ён туришади. — Унинг шогирдлари? — эркак бошини орқага ташлаб хохолаб кулиб юборди. Кулги овози бутун Маъбадни тутди. У яна заҳарханда тиржайиб Марямга қаради. — Шогирдларининг ҳаммаси Уни ташлаб кетишди. Улар қўрқоқ қуёнлардай тумтарақай бўлиб қочишди, ҳаммаси ин-инига беркиниб олишди. — Мен сенга ишонмайман! — она бош чайқади ва унга тескари қаради. — Сенинг гапларингга ишонгим келмаяпти! — Исонинг бир Ўзи қолди. Бориб ўзинг қара. Боргин-да, мен нимага қодирлигимни кўрасан. Марям югуриб кетди. Аммо узоқ-узоқларга бировнинг бахтсизлигидан севинган тошбағир одамнинг кулгиси эшитилиб турди. * * * Рим суди биносининг олдида оломон йиғилди. Олдинда қора қарғалар тўдасига ўхшаб фарзийлар туришар, ниманидир муҳокама қилишарди. Пилат ҳакамнинг ўрнида ўз ҳарбий қўмондонларининг бири билан гаплашиб ўтирарди. У сабрсизлик билан қўлини силкитган эди, эшиклар очилди. Ўз Ўғлини кўрган Марямнинг юраги орқага тортиб кетди, чунки Исони бир нечта одам судраб келаётган эди. Унинг юзи калтакнинг зарбидан кўкариб шишиб кетган, лаблари ёрилиб қонаган. Унинг қўллари, жосуснинг қўллари каби, бойланган, Ўз халқига бошини кўтарганича тикилиб турарди. Марям бўзлаб йиғлади, Унинг олдига ўтмоқчи бўлди, лекин онани соқчилар итариб ташлашди. — Исо! — деб бақирди онаизор. Пилат баланд овозда йиғилганларга мурожаат қилиб, Рим қонунига биноан ҳар йили байрам муносабати билан бир маҳбусни озод қилиш мумкин эканлигини тушунтирди. — Кимни озод қилишимни хоҳлайсизлар: Бараббаними ёки Ўзини Масиҳ деб атаётган Исоними? Пилатнинг олдида турган соқчилар эгилиб ҳокимга Бараббани чиқармасликни маслаҳат беришди. Чунки Барабба шаҳарда юз берган исён пайтида қотиллик қилган, пистирмалар қўйиб кўплаб Рим аскарларини ўлдирган, шу сабабли қамоққа олинган оғир жиноятчи эди. Халойиқ қичқирди: — Бараббани озод қил! — Исони! — деб бақирди Марям. — Бараббани! Бараббани! — айюҳаннос солди оломон. — Исони! Исони! Пилатнинг ёнига бир аскар келди-да унинг қулоғига бир нималар деди. Ҳоким қовоғини солиб, Исога қаради. Олий руҳонийлар ва олдинда турган халқ оқсоқоллари кенгашиб йиғилганларга мурожаат қилишди. — Исо — шаккок. Наҳотки сизлар Уни тирик қолдирсангизлар? Қонун нимани талаб этишини, Худо нимани талаб қилишини сизлар биласизлар. * * * — Бараббани! Пилат аскарини жўнатиб юборди, халойиқни тинчлантириш мақсадида қўлини тепага кўтарди. — Хўп, кимни қўйиб юборишимни хоҳлайсизлар? — Бараббани! — оломон зулм ва қон тўкилишига ташна. Одамлар исён кўтаришмоқчи. — Бараббани! Пилат қўлини бигиз қилиб Исони кўрсатди. — Агарда мен Бараббани қўйиб юборсам, унда Ўзини Масиҳ деб атаётган Исони нима қиламан? — Уни хочга торт! Хочга! — Нима учун? Унинг қандай айби бор? — Уни хочга торт! Хочга торт Уни! Хочга! — шовқин солар эди халойиқ. Рим аскарлари Пилатдан оломонни тарқатиб юбориш буйруғини кутгандай, ўрниларини эгаллашди. Лекин ҳоким жим турарди. Сўнг у ҳузурига чўрини чақиртирди. Чўри идишда сув келтирди. Ниҳоятда тозаликка риоя қилгувчи яҳудийларнинг устидан кулиш мақсадида, Рим ҳокими қўлларини ювди. Кейин шундай деди: — Мен бу солиҳ Одамнинг қони тўкилаётганига заррача гуноҳим йўқ. Сизлар ўзингиз кўриб чиқинглар! Марям ҳокимнинг атрофида турган одамларнинг дарғазаб бақириғини эшитди: — Унинг қони бизнинг ва болаларимизнинг гарданида! — Йўқ! Ундай қилманглар! — Марям бақириб йиғлаб юборди. Рим аскарлари Исони қўполлик билан ушлаб, олиб чиқиб кетишаётганда, бечора она қўлларини узатиб Ўғлига талпинганича қолаверди. * * * Қутурган халойиқ Исонинг хочга тортилишини томоша қилиш ниятида бир жойда тураверди; суд биносининг эшиклари очилди. Исони олиб келаётган икки эркакни кўрган халқ хурсандчиликдан қувониб кетди. Марямнинг юзидан қон қочиб, юраги қаттиқ санчиди. Исонинг бошига тиканлардан ўрилган тож кийдирилган эди. Тожнинг тагидан қон сизиб оқиб турарди. Унинг юзи мурданикидай оппоқ оқарган. Исо Ўз хочини Ўзи кўтариб борар, кўтариб кетаётган хочнинг оғирлигидан У эгилиб, аранг қадам босарди. — Шаккок! — одамлар ёнидан ўтиб бораётган Исонинг юзига тупуришар, қахр-ғазабдан уларнинг афтилари буришиб кетган. — Шаккок! — Исо! — деб бақирди Марям, Ўғли бошини кўтарганини она кўрди. У тўғридан-тўғри онасига қаради, Унинг кўзлари қайғуга ва раҳм шафқатга тўла эди. — Исо! — она йиғларди, оломон орасидан Унинг олдига ўтишга интиларди. Лекин она яқинлашай деганда, Рим соқчилари Исони калтаклаб олиб кетишди. У қоқилиб тиззалаб қолар, йиқилар, яна ўрнидан туришга харакат қиларди. Исонинг қайғусини ва ўлимини кўрмоқчи бўлган оломон Уни мазах қилиб устидан куларди. Аскарлар Уни шаҳар деворлари ортига олиб чиқиб, Гўлгўта деган ерга итариб келишди. Бу жой катта йўл бўйида жойлашган бўлиб, ҳамма тарафдан яхши кўринар эди. Бу тепалик одам бошининг шаклига ўхшарди. Исонинг хочини қандайдир бир эркакнинг елкасига юклашди. У хочни мўлжалланган жойга олиб бориб ерга ташлади. Сўнг унинг ўзини соқчи четга итарди. Рим аскари Исони елкасидан ушлаб, ерга йиқитди. Бошқаси эса Унинг тепасига эгилиб ниманидир ичишни таклиф қилди. Лекин Исо бош тортди. Икки аскар Унинг эгнидаги кийимларини юлиб олиб, четга отишди. Исони эса хочга ётқизиб, Унинг қўлларини теридан қилинган тасмалар билан ёғочга маҳкам бойлаб қўйишди. Икки жиноятчидан бирининг кафтларига соқчи мих қоқаётганда, жосус қаттиқ бақириб юборди. — Мен ўлишни хоҳламайман! — деб айюҳаннос соларди иккинчиси. — Мен хоҳламайман… У жон-жаҳди билан ўзини аскарлардан ҳимоя қиларди. Марям аъзою бадани титраганича, олдинга ўтиб борди. Энди одамлар жиноятчиларнинг ёнига яқинлашишга журъат этишмасди. Рим аскари болғани тепага кўтариб пастга туширганини она кўргач, тузоққа тушган қуш каби Марямнинг юраги тилка-пора бўлди. Исонинг кадди букилди. У бир бақириб, оёқларини узатди. Марям қаттиқ бўзлаб, тиззалаб йиқилди. Аскар яна уч маротаба болға билан Исонинг қўлини хочга қоқиш учун михни урди. Ҳар гал Марям Ўғлининг инграшидан сесканиб, титраб кетарди. Аскар Исонинг иккинчи қўлини қоқиш учун Унинг устидан сакраб ўтди. Бошқа Рим аскари эса Парвардигор Ўғлининг оёқларини михлаётган эди. Арқонлар ва ипли ғилдирак ёрдамида хочни тепага кўтаришди. Ёғочнинг чуқурга қоқилган овозини эшитгач, Марям хушидан кетиб йиқилди. Хочни поналар билан маҳкамлашди, кейин арқонни олиб ташлашди. Чидаб бўлмас оғриқдан унинг Ўғлининг қиёфаси ўзгариб кетди. Марям Ундан кўзини узмас эди. Она қўлларини сиқди. Эй, Парвардигор, Сен ҳозир келасан, Уни қутқарасан. У ўлишига Сен йўл қўймайсан. У — Сенинг Ўғлинг. У — Ёғ Сурилган. У — бизнинг Масиҳимиз! Рим аскари Исонинг хочига нарвон тиради ва нарвондан кўтарилиб қуйидагича ёзуви бор тахтачани осиб қўйди: «Бу Мен — Исо, Яҳудийларнинг Подшоҳи». Олий руҳонийлар шу заҳотиёқ ғазаб билан бақиришди: — Бу ёзувни олиб ташла! У шоҳ эмас! У сохта пайғамбар! — Бу ёзув Пўнтий Пилат фармонига биноан осиб қўйилди, — деб жавоб берди римлик. Бир неча одам тепаликка кўтарилиб, тахтачани олиб ташлаш учун хочга яқинлашаётганини кўрган аскар қиличини қинидан олди. Қилич яланғочланганини кўрган одамлар дарров орқага қайтишди. Оломон секин-аста тарқала бошлади. Одамлар бошларини қуйи солганларича кетишди. Лекин кўпчилик бировнинг бахтсизлигидан хурсанд бўлиш учун қолди. Улар бош чайқаб Исони ҳақоратлашарди. — Маъбадни бузиб, уни уч кун ичида тикламоқчи бўлган одамга қаранглар! Хўш, Сен нима қила оласан? Агар Сен Масиҳ бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр-чи! — Ўзгаларни қутқарган, Ўзини эса қутқара олмайди! — деб пичинг қилди кимдир. — Ие, У Яҳудийларнинг Подшоҳими? — деди айёрлик билан бир олий руҳоний. — Майли, У хочдан тушиб келсин, кейин биз Унга ишонамиз! Руҳоний қўлларини белига тираб Исога тикилди. Унинг юзида нафрат ҳисси ёниб турарди. Ҳар гал қаҳқаҳани эшитган Марям чўчиб тушарди. Унинг оналик туйғулари шунчалик кучли эдики, агарда билакларидаги куч етарли бўлганда эди, Ўғлини мазахлаётганларни ва Унинг устидан кулаётганларни аллақачон ўлдириб, ер билан яксон қилган бўларди. Аммо кейин Исонинг кўзларига боққан эди, онанинг юрагини адоват тарк этди. Ўлган одамга мотам тутаётган ва бўйнига осиб юрадиган аёлнинг идишчаси кўз ёшларга тўлиб-тошгани сингари, Марямнинг юрагидаги адоват ўрнини изтироб ва қайғу, дард ва алам эгаллади. Ҳатто Исо билан бирга хочга тортилган жиноятчилардан бири ҳам Уни ҳақоратлади. Марям титраганича, Ўғлидан кўзларини узолмас эди. Осилган икки жосус бир-бири билан уришарди. Кейин улардан бири Исога қараб, ялинганнамо оҳангда деди: — Ё Раббий, Ўз Шоҳлигингга кирганингда мени ҳам эслагин. Исо унга жилмайди. — Сенга чиндан айтаманки, бугуннинг ўзида сен Мен билан бирга жаннатда бўласан. Марям секин йиғларди, қайноқ кўз ёшлари юзларидан оқиб тушарди. Ўғлини шу куйга солганларни она бақириб сўкмоқчи бўлди. Эй, Парвардигор, нимага? Нима учун? Аскарлар Исонинг кийимларини бўлиб олишди. Улар ўтириб олиб, она Ўғли учун тўқиган ички кийим учун қуръа ташлашди. Ерни зулмат қоплади, одамлар орасида норозилик овозлари эшитилди. — Худойим! — деди Исо баланд овоз билан. — Худойим! Нега мени ташлаб қўйдинг? Марям қўллари билан юзларини беркитди. Фиғону ноладан унинг бадани дир-дир титради. Унинг тиллари қайта-қайта ўша саволни такрорларди. Нима учун? Нима учун? Бутун ҳаёти давомида Исо гуноҳга қарши курашди ва доимо ғолиб чиқди. Ҳа, она Унинг курашишини ва ғолибликни қўлга киритганига гувоҳ бўлган эди. Мана энди бўлса, унинг халқининг энг ажойиб байрамида қурбонлик қўзисининг қони каби, унинг Ўғлининг қони тўкилмоқда. — У Илёсни чақиряпти, — деди қатлни кузатиб турган одамлардан бири. Кимдир тепаликка дарҳол югуриб бориб, сиркага ботирилган шимгични олди ва чўпга ўрнаштириб Исога ичиш учун узатди. — Кўрамиз, Илёс Уни қутқаргани келармикан! — деди биров мазахлаб. Қоп-қора булутлар йиғилган одамларнинг тепасида тўпланди, кучли шамол кўтарилди. Осмон хиралашди. — Марям, — секингина иккиланиб чақирган овоз эшитилди. Марям бошини кўтарди, у билан ёнма-ён турган Забадийнинг ёшгина ўғли Юҳаннони кўрди. — Марям, — такрорлади у яна ва онага яқинлашиб уни қучоқлаб олди. Марям бошини унинг елкасига қўйди. Юҳанно титроқ овоз билан деди: — Афсус. Марям уни қучоқлаганда, Юҳаннонинг кўзларидан ёшлар оқди. Юҳанно Исони ташлаб кетгани учун она уни койимади, чунки Марямнинг ўзи узоқ вақтдан бери Исодан узоқда — айрилиқда эди. Юҳанно Устозига қаради, У йиғлар, аранг нафас оларди. — Онажон, — деди Исо Марямга қараб. — Бу сизнинг ўғлингиз. Исо нигоҳини онасидан сўнг Юҳаннога қаратди. Қанчалар изтироб чеккан бўлса ҳам, Унинг юзидан нур порлаб турарди. — Бу сенинг онанг. Исо онасига ғамхўрлик қилишни укалари ва сингилларига эмас, балки Юҳаннога ишора қилаётганини Марям тушунди. Юҳанно яна бир бор Марямни қучоқлаганда, она юзини унинг кўкрагига қўйиб ўкириб йиғлаб юборди. — Ота! — деди Исо. Марям, Худо Ўз Ўғлини қутқаргани келгандир, деган умидда яна тепага қаради. — Эй, Ота, уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар! — ҳар бир нафас Исо учун қанчалар машаққатли эканини она кўриб турарди. — Бажо бўлди! — деди У. Унинг кўкрак қафаси бир кўтарилиб яна тушди. — Эй, Ота! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман, — деди Исо ва сўнгги бор нафас олди. У жон берди. Марям кўзларига ишонмади. Унинг юраги дукиллаб урарди, оғзи овозсиз ноладан очиқ эди: — Йўқ… Йўқ… Юҳанно онани яна ҳам қаттиқроқ қучди. Ер ларзага келди, одамлар тумтарақай бўлиб қочишди. Қатлни бошқараётган юзбоши Исога қаради. — Ҳақиқатдан ҳам У Худонинг Ўғли экан. — Онажон, бўлди, тамом! — деди Юҳанно титраган овозда. — Юринг, бу ердан кетамиз. — Йўқ… Мен Уни ёлғиз қолдиргим келмаяпти. — Унда мен ҳам сиз билан қоламан. Аскарлар келиб олдин биринчи жиноятчини, сўнг иккинчисининг болдирларини синдириб ташлади. Жиноятчилар бир бақиришдию дарров чуқур нафас олиб, бир неча дақиқадан сўнг бошқа нафас олишга кучлари етмай, жон берди. — Буниси ўлган. — Барибир, бир текшириб кўрганимиз маъқул, — деди аскарлардан бири ва найзани олиб Исонинг биқинига санчди. Қон аралаш сув оқиб тушди. — Ҳа, У ўлибди. Аскарлар устуннинг тагидаги поналарни чиқаришди, хоч ерга тушди. Улар Исонинг қўл ва оёқларидаги михларни суғуриб бўлишган эдики, Марям етиб келди. Аскарлардан бири қўлида болғасини ушлаганча, қаддини ростлади. — Сенга нима керак? — Бу — менинг Ўғлим, менинг Ўғлим… Эркак афтини буриштирганича, нари кетиб, бошқа хочни туширишга ёрдамлашди. Марям ерга, Исонинг жасади ёнига ўтирди, Унинг бошини тиззасига олди. Шу пайт шаррос ёмғир қуйди. Она Унинг юзидаги ёмғир томчиларини авайлаб артди. Сўнг Марям ўрнидан турди-да, бошқа жойга ўтириб, Ўғлининг жасадини ўзига тортди. Исонинг белидан тепаси унинг тиззасида эди. Она Ўғлини бағрига босиб, ёш бола сингари Уни аллалади. — Йўқ, — деб пичирлади она Унинг пешонасидан ўпар экан. — Сен бизни гуноҳларимиздан поклашингни Худо айтган… Марям Унинг қора сочларини охиста силади, яна ўпди. Она Ўғлининг юзини илиққина кафтлари билан сийпади, елкаларини силади. Сўнг Унинг кучсиз бўлса ҳам юрак уришини ҳис этмоқ ниятида қўлини Исонинг кўкрагига қўйди. Аммо Унинг юраги урмасди. Она тинмай ўз Ўғлини бағрига босганича тебранарди, танасидаги харорат борган сари пасая бошлади. Ва ниҳоят Унинг танаси муздай бўлиб қолди. Ана шундагина Ўғли ўлганига Марям ишонди. Она бошини кўтариб, у ёқдан-бу ёққа чайқади, дод-фарёд қилиб, халқининг мушкул аҳволда қолганини айтиб йиғлади. Масиҳ ўлди, олам қулликда қолди! Марямнинг атрофида кўз илғамас мавжудотлар бировнинг бахтсизлигидан севиниб рақсга тушишарди. Уларнинг ҳукмрони бўлса қаҳқаҳа отиб кулаверди, кулаверди. Уни ўлдиришади, деб мен сенга айтмаганмидим? Ана энди ер ва ундаги бор нарсалар меники. Мен ғолиб чиқдим! Энди мен ҳукмронлик қиламан. Қара! Мен ғолибман! * * * Марям тепаликда ўтирганча, Ўғлининг бошидаги тиканли тожни ечди, юзини Унинг бошига қўйди. Ёмғирдан онанинг ёпинчиғи шалаббо бўлиб кетган эди. — Марям, — деди Юҳанно, — Ариматеялик Юсуф билан Никодим шу ерда. — Ким? — деб қайта сўради она. Сал нарида ҳурмат юзасидан қўллари кўксида, эгниларига чиройли либосларни кийган икки эркак турарди. Улар Олий Кенгаш аъзоларига, бой-бадавлат одамларга ўхшарди. Марям улардан Ўғлини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, Исонинг совуқ юзини қўллари билан беркитди. Юҳанно онанинг рўпарасига мук тушди, ҳамдардлик ила кўзларига тикилди. — Юсуф Ўғлингизнинг жасадини олиб кетиб, Уни дафн қилиш учун Пилатдан руҳсат сўраб келибди. Дафн қилиш? Марям Исонинг муздай юзларини силади. Юҳанно қўлини онанинг елкасига қўйган эди, Марям бошини кўтариб унга қаради. Юҳаннонинг кўриниши ҳам изтиробдан бир аҳвол-да эди. — Онажон, ҳадемай шанба киради. Уни дафн қилиш керак. Марям булутли осмонга, ҳалигача кичик гуруҳларга бўлиниб уни қуршаб турган одамларга қаради. Икки жосуснинг жасади аллақачон олиб кетилган эди. Агар она бугун Ўғлини бермаса, эртага ҳеч нарса қилишнинг иложи бўлмайди. — Ариматеялик Юсуф қабр тайёрлатиб келибди. Марям яна Исога қаради. Ёмғир Унинг танасини ювиб, худди Маъбаднинг мармаридай юзларини оқартирибди. Она яна бир бор эгилиб Унинг, қачонлардир болалигида Ўз бешигида ухлаб ётганда ўпгани сингари, пешонасидан ўпди. Унинг сочларидан хушбўй, муаттар ҳид таралиб турарди. — Уни олақолинглар, — деб пичирлади Марям ва Ўғлини бағридан бўшатди. Никодим Исонинг жасадини кўтариб турди, Юсуф жасадни оппоқ кафанликка ўради. Марям лойда ўтирганича, уларни кузатиб турарди. Юҳанно онаизор ўрнидан туришига ёрдамлашди, кейин уни суяб олди. — Ойижон, юринг, — деди у мулойимлик билан. — Энди сиз менинг уйимда яшайсиз. — Қабр қаерда жойлашган? — Боғда, бу ердан унчалик узоқ эмас. Юсуфнинг айтишича, боғда қояга ўйилган ғор бор экан, дафн учун ўша ер мўлжалланган. Бу жуда чиройли жой, зайтун дарахтларию шаршаралари бор қоя. Исо у ерда сокинликда, роҳат-фароғатда бўлади. Уларга бир неча аёл келиб қўшилди. Улар йиғлаб, Марямни бағриларига босди. Онанинг бўлса ҳуши бошидан учган, тахтадай қотиб турарди. Марям улар билан нимани гаплашишини билмасди. Юҳанно уйига олиб кетиш учун Марямни қўлидан ушлаганда, она фарзандларига кўзи тушди. Улар уялганча оналарига ғамгин боқиб туришарди. Уларнинг нигоҳидан Марям шуни тушунди: укалар Исони қандай инкор этишган бўлсалар, она ҳам улардан худди шундай воз кечади, деб ўйлашди. — Оҳ! — деб хитоб қилди она ва яна кўзларидан ёшлар дувиллаб оқди. Марям ўғил-қизларининг олдига келди, ҳар бирини бирма-бир қучоқлаб ўпди. — Юринглар биз билан, — деди Юҳанно, Исо васият қилгандай онасининг ёнида турар экан. — Менинг уйим шаҳарда. Марям кетишдан олдин орқасига ўгирилиб, ҳалиги бегона эркакка қаради. Улар Ўғли Исонинг жасадини қабрга дафн қилиш учун олиб кетишаётган эди. * * * Меҳмонхонада Марям ва унинг ҳамроҳлари Исонинг шогирдларига қўшилишди. Шогирдлар ниҳоятда уялганларидан, Исонинг онаси кўзига тик қарай олмас эдилар. Чунки уларнинг ҳаммаси Устозини оғир пайтда ташлаб кетишган. Уларнинг орасида аёллар йўқ эди. — Ёқуб ва Юсуфнинг онаси Марям билан Магдалалик Марям ҳам шанба тугашини мақбара олдида кутиб ўтиришибди, — деди кимдир. — Ариматеялик Юсуф билан Никодим Исонинг жасадига юз қадоқча қимматли хушбўй смирна ва алойдан тайёрланган мойни суртишди. Уни сурпдан тайёрланган мато билан кафанлашди. — Биз шаҳардан кетишимиз керак. — У тўғри айтяпти. Римликлар бизни ахтаришади. — Бизни излашганидан нима фойда? — деди Бутрус, унинг юзидан азоб чекаётгани сезилиб турарди. — Бизлар ҳеч кимга ҳеч қандай хавф туғдирмаймиз. Ҳамма нарса тугади. Исо ўлди, — у қўллари билан юзини беркитиб, йиғлаб юборди. — Йўқ, тугамаган, — деди секингина Марям. Нега энди тугар экан? Исо Ўз халқини қутқаради, Исонинг Масиҳ эканлигини Худо айтган. Она Исога ишонарди. Қандай қилиб бу тугаши мумкин? Эркаклар Марямга раҳмилари келиб қарашди, кейин ўрниларидан туриб, кетишди. — Бу ҳали охири эмас, — яна такрорлади она. — Онажон, — деди мулойимгина Юҳанно ва Марямни қучди. Онани эса энди жим бўлгиси келмас эди. — Мен бокиралик пайтимда Парвардигорнинг Фариштаси Муқаддас Руҳ менинг устимга тушишини айтган. Худойи Таолонинг қудрати мени қоплашини ҳам айтган. Шу сабабли мендан Муқаддас Ўғил туғилади. Фариштанинг айтиши бўйича, Ўғлимнинг исми Исо, яъни Қутқарувчи бўлади. Зероки У Ўз халқини гуноҳлардан қутқаради. Эркаклар бошларини эгди. — У Ўз халқини гуноҳдан қутқаради, деб Худо айтган, — гапини давом эттирди Марям, унинг кўзларидан яна аччиқ ёшлар оқди. — Худонинг Ўзи айтган… Эркаклар Марямга тик қарай олмасдилар. Улар, онаизор Ўғлидан айрилганидан кейин бундай дардни кўтаролмай ақл-ҳушини йўқотиб қўйган, унинг устига Исонинг ўлганига ишонгиси келмай, қандайдир ҳаёлий умид билан яшаяпти, деб ўйлашаётганини Марям билиб турарди. Аммо Худо ваъда бергандан кейин, албатта Ўз берган ваъдасининг устидан чиқади. — Бу охири бўлиши мумкин эмас! — унинг овози титради. — Мен бунга ишонмайман! — кўз ёшлардан Марям бўғилди. Бир неча дақиқа эркаклар гапирмай жим ўтиришди, сўнг ғала-ғовур бошлади. — Мен яна такрор айтаман, бизлар Қуддусдан кетишимиз керак. — Хўп, кетамиз ҳам дейлик, лекин қандай қилиб ҳеч кимга билинтирмай чиқиб кетишимиз мумкин? — Агар бизни Рим аскарлари кўриб қолишса-чи? — деди куйиниб Бутрус. — Бунинг нима аҳамияти бор? Умуман олганда, ҳозир ниманинг аҳамияти бор? Марям ўрнидан турди, хонанинг бурчагига борди. У жинчироқни ёқди ва: «Нажот фақат Сенинг Ўғлинг орқали келади», деб Худога ибодат қилиш учун мук тушди. * * * Учинчи куни эрталаб Исонинг шогирдлари ва улар билан бирга бўлганлар зинопояда қадам товушини эшитиб қолишди. Кимдир уларнинг олдига кўтарилаётган эди. Эркаклар ҳавотирланиб қимир-қимир қилиб қолди. Бир-бирларига ташвишли нигоҳ билан қарашар экан, нима қилишни, қандай чора кўришни билишмас эди. Эшик очилиб Магдалик Марям кириб келди. — Биродарлар, мен Уни кўрдим! У тирик! — хурсандликдан юзларидан нур ёғилиб турган Марям жилмайганича хонанинг тўрига ўтди. Бундай бахтдан у дам йиғлар, дам куларди. Ўта таъсирланган Магдалик Марям бир жойда туролмас, тинмай хонанинг у бошидан бу бошига ўтар эди. Ҳаяжондан у жуда тез гапирарди, ҳатто баъзи бир сўзларни охиригача талаффуз ҳам қилмай ютиб юборарди. — Бизлар Исонинг жасадини хушбўй ёғлар билан мойламоқчи эдик, бориб қарасак, мақбарага кириш оғзидаги тош аллақачон ағдарилган экан. Ғорнинг ичига кирсак, у ерда Исо йўқ! — Эй аёл! — деди Бутрус ва Марямга, жим бўлгин, дегандай қўлини тепага кўтарди. — Бизлар ғорнинг ичкарисига кирганимизда, у ерда чиройли кийинган, кўркам икки эркак бор экан. Биз жуда қўрқиб кетдик. Улар бизга шундай дейишди: «Нега сизлар тирикни ўлган одамларнинг ичида излаяпсизлар? У бу ерда йўқ. У тирилди. Сизлар Жалилада айтган Унинг сўзларини эсланг: Инсон Ўғли хочга тортилиши ва учинчи куни қайта тирилиши учун гуноҳкорларнинг қўлига топширилади». Шунда биз эсладик, — деди Магдалик Марям. Кейин қўлини узатганича, Исонинг шогирдларига бирма-бир қараб чиқди. — Сизларнинг ҳам ёдингизга тушдими ўша гаплар? Гапим тўғрими? Ўшанда сизлар Унинг гаплари маъносига тушунмаганингиз учун узоқ вақтгача муҳокама қилган эдингизлар. Марям ўрнидан турди. Рост гапираётган ёшгина аёлнинг сўзларидан унинг руҳи тетиклашди. — У тирилди, — деб пичирлади она. — Нималар қилиб қўйганингни кўрдингми? — деди Магдалалик Марямга эркаклардан бири. — У тирик, мен рост гапиряпман. Мен Уни кўрдим. — Уни кўрдинг? Қандай қилиб? Қаерда? — Ўшанда мен йиғлаб юбордим. Исо менга мурожаат қилди. У мендан: «Нега йиғлаяпсан?» — деб сўради. Аввалига, мен билан Раббимиз Исонинг танасини олиб кетган оддий одам гаплашяпти, деб ўйладим. Мен ундан: «Исони қаерга қўйдилар экан? Ундан хабар олишим керак», деб айтдим. Шунда У менга: «Марям!» — деди. Оҳ, мен Унинг овозини қаерда бўлмасин, барибир билиб оламан! Мен бошимни кўтариб қарадим: бу Исо эди! Шошилганимча Унинг кийимидан ушладим. — Марям кафтларини юзларига қўйди. — Мен Уни қўйиб юборгим келмади, аммо Унга қўл текизишимни У менга тақиқлади. Чунки У ҳали бизнинг Худомизнинг, Ўз Отасининг олдига кўтарилмаган экан. — У қайғудан эсини йўқотиб қўйибди. — Марям, ўз хаёлий тасаввурларингга ниҳоятда эрк бериб юбординг. Сен жудаям Исо тирик бўлишини хоҳлайсан, лекин бу гапларинг, У тирик, дегани эмас-ку! Магдалалик Марям довдираганича эркакларга қараб турарди. — Сизлар нега менга ишонмайсизлар? Шундай бўлишини Исо айтган эди-ку! Юҳанно кўчага отилиб чиқиб кетди. Унинг кетидан Бутрус ҳам югурди. — Майли, кетаверсин, — деди кимдир ғамгинлик билан. Магдалалик аёл Марямнинг ёнига келди ва унга тикилиб боқди. — Гапларим рост. У қачонлардир шундай деган эди: «Мусо саҳрога илон юборгани сингари, Инсон Ўғли кўкларга кўтарилади». Мусо даврида нималар содир бўлганини Марям эслади: одамзод гуноҳга ботди, Худо уларга кўплаб заҳарли илонлар жўнатди. Кўпчиликни илонлар чақиб ўлдирди. Аммо одамлар гуноҳларини тушуниб, Худога, бизни илонлардан қутқаргин, деб илтижо қилиб сўрашди. Парвардигор уларни авф этиб, ўлимдан сақлаб қолди. Худо Мусога заҳарли илоннинг нусхасини ясатиб, баланд устуннинг энг тепасига ўрнатиб қўйишни буюрди. Ҳар доим илон чаққан одам келиб ўша мисдан ясалган илонга қараганда, ўша одам тузалиб, дарддан фориғ бўлар экан! Магдалалик аёл Марямнинг қўлларидан ушлади. — Жалила денгизи соҳилларида Исо бизга шундай деган эди: «Худо бу оламни шундай севдики, ҳаттоки Яккаю ёлғиз Ўғлини берди, чунки Унга ишонгувчи ҳар бир кимса ўлмайди, балки абадий ҳаёт кечиради». Ёш аёл Марямнинг қўлларини оғритгудек қилиб қаттиқ сиқди. — Унинг сўзларини ўшанда ҳеч биримиз тушунмаган эдик, — Магдалаликнинг нигоҳи бирмунча жиддийлашди. — Марям, Сенинг Ўғлинг тирик! У тирик! — Мен сенга ишонаман, Магдалалик синглим. Марям яна бир бор Ўғли Исони кўролса эди… * * * Бутрус ва Юҳанно қайтиб келишди. — Бу рост экан, — деди Юҳанно. Унинг кўзлари ҳаяжондан ёнарди. Юҳаннога ишонгиси келмаган шогирдлар Бутрусга қарашди, балки унинг бу сўзларини Бутрус тасдиқлар. — Унинг жасади йўқ. Ҳозир уларнинг хаёлига жўяли бир фикр келмас эди. Чунки ҳозирга қадар шогирдларни ўз ҳаётлари хавотирга соларди. Худога қараганда, улар ўлимдан кўпроқ қўрқишарди. Шунинг учун улар тезгина эшикларни тамбалашди, чунки Олий Кенгаш аъзолари уларга одам жўнатиб, ҳибсга олишиб, уларни сўроқ қилишларига ишончлари комил эди. Шогирдлар қўрққанларидан бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашишар эди. Бирдан таниш, лекин ёқимли мазах овозини эшитишди: — Сизларга тинчлик тилайман. Марям ўтирган жойида бошини кўтарди. Шогирдларининг ора-сида Исо турарди. Шогирдлар даҳшатдан бақириб, дарров мук тушишди. Марямнинг ўғиллари ҳайратда, улар ваҳимадан бошларини беркитиб, Унга мўралаб туришарди. Марям ўрнидан турди. Кўз ёшлари дарё бўлиб оқди. — Исо! Она Уни қучоқламоқчи бўлиб, талпинди. Аммо У онасига боққанда, Марям бор ҳақиқатни англади. Онанинг қаршисида чинакам Борлиқ турарди. Ҳақиқат найзаси унинг қалбини тиғлади, она тўхтаб қолди. Унинг туққан Ўғли Марямга тегишли эмасди. Исо Исроилга ҳам тегишли эмас. Анча олдин шайтон инсоннинг юрагига шубҳа ва одамзоднинг Худога қарши чиқишида қаҳрамонлик уруғларини сочган. Кейин эса уларни ўлим жазоси билан ваҳимага солиб қўйган. Марям ўлиб қайта тирилган Ўғлининг кўзларига қаради. Онанинг кўзларидан ёшлар оқарди. Марям ўзини сал босиб олгач, Исонинг қўлини олиб, ўпди. Она қачонлардир пайғамбар Ишаёнинг айтган гапларини эсади. Бу сўзларни Юсуф унга ва болаларига жуда кўп маротаба ўқиб берган эди: «Мен сени ҳеч қачон унутмайман. Мана, Мен сенинг номингни Ўз кафтларимга ёзганман». Исо Тирик Калом эканлигини она энди кўрди. Ҳақиқат Марямнинг кўзини очди: она бўлиб, Уни туғиб катта қилгани билан, У Парвардигорнинг Ўғли эди. У ҳеч қачон онасига шу даражада мансуб бўлмаган, чунки Марям хоҳлаган пайтда Унга буйруқ беролмас эди. Исо Парвардигорнинг Ўғли, Худонинг инояти эди! У Исроил халқини қутқариш учун, унга нажот бериш учун юборилган! «Бизнинг қилган гуноҳларимизни Парвардигор Унинг елкасига юклаган». Марямни яна бир марта, илк бор бехосдан Худо билан рўпара келганда ҳис этган, иззат-ҳурматни ифодалайдиган қўрқув қамраб олди. Она қудратли Парвардигорни улуғлади, Унга мадҳиялар айтди. Марямнинг руҳи Исода, унинг Нажоткорида шодлик топди. Бутун ҳаёти давомида она саволларга жавоб топишга, келажак ҳаётни кўра билишга, Худога итоат қилиб, Унинг ўйлаган фикрларини намоён бўлишини кутишга харакат қилди. Лекин ҳар доим ҳам она итоатли, сабр-бардошли бўлолмас эди. Ана энди бўлса Парвардигорнинг қилган ишларини кўриб, Марям ниҳоятда ҳаяжонланди. Онаизор ўткинчи ҳаётнинг аччиқ-чучугини бошидан кечирди. Ҳозирда эса келажакдаги мангу ҳаётдан таскин топмоқда. Марям ҳақиқатга ташна эди. Ниҳоят, у Ҳукм Қилгувчини кўриб турарди. Марям Исонинг қаршисида мук тушди, бош уриб, Унга қуллуқ қилди. — Раббим! — деди она итоаткорлик билан. — Менинг Парвардигорим ва Худойим! Саккизинчи боб Марям ўрнида ётганича, Исони сўнгги бор кўргандан кейин ўтган йиллар давомида рўй берган воқеаларни бирма-бир хаёлидан ўтказди. Хонанинг бир бурча-гида Юҳанно ўтириб ибодат қиляпти. Эфес чеккасида жойлашган кичкинагина уйда Юҳанно билан Марям иккаласи яшашади. Кичкина эшик олдида кўплаб одамлар тўпланишган. Марям уларнинг йиғисидан безовта бўлди. — Юҳанно? У ўрнидан турди, Марямнинг ёнига ўтириб, унинг қўлини олди. — Ҳа, ойижон. — Нега улар йиғлашяпти? — Сиз ҳадемай бизни ташлаб кетишингизни улар билишади. Марям бош чайқади. — Улар мени ниҳоятда қадрлашади. — Чунки сиз Раббимизнинг онасисиз. — Исо хочга тортилганидан кейинги қирқ кун сенинг эсингдами? Мени У бошқалардан ҳеч устун қўймаган. Ўзининг издошлари орасида ҳам мени ажратиб кўрсатмаган. Одамларга бу тўғрида айт. — Онажон, мен уларга айтганман. — Юҳанно, уларга яна бир бор етказ. Бизлар ҳаммамиз У билан бирга бўлганмиз, У бизга Парвардигорнинг Шоҳлиги тўғрисида гапирганда, нонни биргаликда синдирганмиз. Мен ҳам Унга хизмат қилдим, Унинг қўлини ушладим, Унинг идишини сувга тўлдир-дим, — бирдан Марямнинг фикрлари ўзгариб гапни бошқа томонга бурди. — О, Унинг жилмайиши эсимда. Юҳанно, Унинг кулгиси сенинг ҳам эсингдами? — Ҳа, онажон. — Ўша куни бизлар Зайтун тоғида Унинг арши аълога кўтарилишини кузатиб турганимизда, юрагим ғам-қайғудан ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим. Бир неча дақиқа мен Уни йўқотиб қўйдим, сўнг яна кўрдим. Булутлар Уни ўраб олиб кетаётган эди. Мен ўшанда, яна қанча вақтдан кейин Худо Унинг юзини кўришни менга насиб этар экан, деб ўйлагандим. Уни яна бир бор кўришни шунақанги хоҳлаган эдимки. — Бизларнинг ҳаммамиз Уни кўришни хоҳлардик. — Ҳа, бизлар тик турганимизча осмонга тикилиб қарадик. У бизнинг олдимизга яна қайтиб келади, деб ишонган эдик. — Фаришталар келгунга қадар, — Юҳанно кўзларини юмди, у ҳам Марямга қўшилишиб ўша вақтларни эслади. — Фаришталар бизга: «Эй Жалила эрлари! Нега сизлар осмонга қараб термуляпсизлар? Исо сизларнинг орангиздан қандай қилиб осмонга кўтарилган бўлса, худди шундай қилиб осмондан қайтиб келажагини сизлар кўрасизлар!» — деб айтган эдилар. Марям хўрсинди. Исонинг издошлари Қуддусга қайтишаётганда, она уларга қўшилди. Онанинг ўзи ҳам, Юсуф иккаласининг болалари ҳам Исонинг шогирдлари билан бирга қолишди. Улар ибодат қилгани йиғилишганда, Уни кутишарди, кутаверишарди… Марям ва Юҳанно ҳар куни ибодат қилиб, У қайтиб келишини, уларни Исо ишонч қуролига айлантиришини Раббийдан сўрашарди. Ҳар куни эрталаб Марям, балки ўша ажойиб кун бугун келиб қолса, мен тайёр бўлишим керак, деган ўй билан барвақт уйғонарди. Лекин Исо онанинг хоҳиш-истаги билан эмас, балки Худонинг маълум бир вақти-соати билан қайтишини Марям биларди. Аммо бирибир, Исо улар билан бирга. Эллигинчи куни — Исо тирилгандан кейин етти ҳафта ўтгач, ҳамма Унга сажда қилувчилар тўпланишди. Шу куни Худо уларга Муқаддас Руҳини сочди. Она бу кунни худди кечагидай яхши эслайди. Зеро, Муқаддас Руҳ унда ва ҳар бир имонлида яшаётган эди. Онанинг юраги хурсандчиликка тўлиб-тошган, у ўша куни ҳамма билан бирга шод бўлиб, Қуддусга Исо ҳақидаги Хушхабарни етказгани борганини эслади. Кейин қувғин, таъқиб қилишлар бошланди. — Юҳанно, уларнинг ҳаммалари ўлиб кетишди-я? — Одамлар Исо Масиҳнинг номи билан ажойиб Хушхабарни тарғиб этиб юришган-да, шайтон уларнинг барчасини ўлимга дучор қилганини Марям аламли кўз ёшлар билан эслади. Ўлганларнинг ҳар бирини Марям яхши эслайди. Биринчи бўлиб ёшгина Стефанни Дамашқ дарвозала-ри олдида тошбўрон қилиб ўлдиришди. Ундан кейин бошқа шогирдлар ва издошлар бирин-кетин ҳукм қилинди, жазога тортилди. Марям билган ва севган ҳаворийлар ҳақ Худони тарғиб қилиш учун дунёнинг барча худудларига сочилган уруғ каби тарқалиб кетишди. Ҳаворийлар сочган уруғлар ниш уриб чиқди, чунки масиҳийлик Сурияда ҳам, Македонияда ҳам, Греция ва Римда ҳам кенг тарқалиб кетди. Йиллар ўтиб, ҳаворийлар қандай қилиб ўлдирилганини Марям бил-ди. Кимларнидир қамчилаб савалаб, хўрлашган. Яна кимларнидир зиндонларга заржирбанд қилиб ташлашган. Кимларнидир арра ва қилич билан ўлдиришган. Ҳаворий Бутруснинг бошини ерга эгиб, оёқ-қўлини хочга михлашган, Павлусни эса бошини танидан жудо қилишган. Лекин ҳаворийлардан ҳеч бири имон-эътиқоддан воз кечмаган. Азият чекканларнинг ичида Марямнинг ўғиллари ҳам бор эди. Ўғилларининг ўлганини эшитган Марям, нега Исо онасига ғамхўрлик қилишини Юҳаннога топширганини тушунди. Хочда ўлаётган Исо нималар содир бўлишини олдиндан билган. Шунинг учун онасининг келажаги ҳақида ўйлаган. Шунча йиллар ўтса ҳам, Марям Исонинг хочга тортилишини эслаганда, онанинг юраги тилка-пора бўларди. Ҳақиқатдан ҳам, Исо бошқаларнинг ҳаёти эвазига Ўз жонини берди. Таъқиб бошланганда, Юҳанно Марямни Эфесга олиб келган ва ўшандан бери улар иблисона шаҳарнинг бир четида яшашарди. Она-бола одамларга уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ниятида Исо Масиҳ ўлгани, Артемида ибодатхонасининг соясида ким яшаётгани тўғрисида ҳикоя қилиб беришарди. Анча кейин Павлус келиб эфесликларга ҳақиқатни излашни ўргатди. Бироз вақт ўтиб Павлус зиёратга жўнаб кетди, лекин у эфесликларни унутмади, уларга мактуб йўллаб турди. Унинг мактубларини ҳозиргача жамоатларда ўқишади. Шайтон одатдагидай ҳақиқатга қарши ёвузларча уруш олиб борар, одамларнинг онгини заҳарлашга уринарди. Бу ҳолат кейин ҳам давом этаверди. Инсон олдида олдингидай ягона бир тўхтам, айнан бир хил саволлар тураверди: «Менинг ҳаётимни Худо бошқарармикан ёки ҳамма нарса мен хоҳлаганимча бўлармикан? Исога мен ўз талабларимни даъво қилармиканман, ёки мен Уни чақирганимда, У келмаганига хафа бўлармиканман?» Кутиш жуда оғир эди. Марям ўзи доимо бесабр бўлган. Ҳозир унинг ёши бир жойга бориб қолган. Эндиям она тинчгина кутиши мумкин. Кундан-кунга унинг ишончи мустаҳкамланиб бораверди. Кунда шундай саволга жавоб бериш керак эди: «Нима юз берган тақдирда ҳам, сен итоатли бўла оласанми?» — Бугун мен «ҳа» деяпман. — Онажон? — Бугун мен «ҳа» деяпман. Кеча, бугун, эртага ҳам, умрим охиригача. Юҳанно онанинг қўлларини олди. — Янги кун янги қийинчиликларни олиб келмоқда. — Уларни енгишда бизларга Парвардигор ёрдам беради. Нега энди оддийгина қизни Парвардигор танлаган? Она ҳалигача ўзига кўрсатилган илтифотдан ҳаяжонланарди. Қоронғуликда туғилган Исо бугун оламга нур таратувчи бўлди. У одамларнинг ризқ-рўзи бўла туриб, очарчиликни бошидан кечирди. У обиҳаёт бўла туриб, сувга ташна эди. Уни тушунишмади, ўттиз тангага сотиб юборишди. Сўнг Ундан воз кечиб, хочга михлашди. Энди бўлса Унга ишонганларнинг Нажоткори, Ҳимоячиси сифатида Худо олдида гувоҳлик бермоқда. Масиҳнинг қандай ибодат қилганлари Марямнинг эсида. У доим ибодат қиларди: туриб, ўтириб, ётиб, ҳатто йўлда кетаётганда ҳам. Энди бўлса У онасининг ибодатини ва Унинг исмини айтиб айтиб чақираётганларнинг ибодатини тингламоқда. Исонинг Ўзи бегуноҳ бўла туриб, одамзоднинг, шу жумладан, онасининг ҳам гуноҳлари эвазига Ўз ҳаётини берди. Ўлимни енгиб, У ўликдан қайта тирилди. Унинг Ўғли Исо золимларни йўқ қилади, деб ўйлаган эди Марям. Исо шоҳ каби одамларни бошқаради, деб ўйлаган эди она. Унинг орзу-ниятлари қанчалик беҳуда, арзимас экан! Парвардигорнинг инояти қанчалар улкан ва буюк экан! Одамзоднинг орзу-умидидан У устун келди. Исо кўкларга кўтарилди! У шоҳларнинг Шоҳи! У Барҳаёт, У Ҳақиқат ва Муқаддаслик Султони! У Инсон Ўғли, Масиҳ! У нафақат Исроилни, балки бутун оламни қутқаришга келди. О,Исо, менинг гуноҳларим қанчалар кўплигини Сен биласан. Мен Сен билан фаҳрланардим, Сенинг туғилишингда Худо мени Ўз марҳаматига сазовор қилганидан, ёрлақаганидан мен бениҳоят фахрланаман. Мен Сени заминдаги шоҳ бўлишингни, ёнгинангда Юсуфнинг ўғиллари туришини… жуда-жуда хоҳлагандим. Ва Сен бу тўғрида билардинг, шундайми? Мен ҳовлиқиб, Сени роса шоширдим, а? Шайтон мени йўлдан адаштириб, Сенга қарши васва-сага соларди. Ҳатто мен ҳам, Худо аёллар ичида муборак қилган онанг бўла туриб, Сенинг жабр-жафоларингни янада оғирлаштирардим. Сен бу дунёга Қурбон бўлиш учун келганингни мен тушунмасдим? Шунинг учун ҳам мен Сенга миннатдорчилик билдираман. Мен Сендан миннатдорман, Сенинг раҳм-шафқатинг олдида тиз чўкаман. Эй, Парвардигор! Менинг Худойим, Иброҳимнинг, Исоқнинг ва Ёқубнинг Худоси! Сен менга жуда меҳрибон эдинг. Агар менинг ажойиб Ўғилгинам бу дунёга хочга тортилиш учун келганини мен олдиндан билганимда, мен қандай яшаган бўлардим? Парвардигор, ўттиз йил давомида Сен мен билан бўлганингни ҳис этардим. Мен Сенинг гўзаллигингни кўрганман, Сенинг муҳаббатингни ва меҳрингни, Сенинг куч-қудратингни ва ҳақгўйлигингни англаганман. Сен баркамол ва муқаддассан. Сенинг гапинг бўйича, бизларга нажот Бергувчини мен кўрдим. Раббим Исо, сўнгги уч йил ичида нималар рўй берганини мен идрок эта бошладим. Ва барибир, мен тушунмадим. Сен Ўз ўлиминг билан барча тўсиқларни бузиб ташладинг, биз эндиликда Сенинг ҳузурингга келиб, Адан боғидаги Одам Ато ва Момо Ҳаво сингари, ҳали гуноҳ қилмасларидан олдин, Сен билан бемалол сўзлашишимиз мумкин. Ўлим энди бизга ўз ҳукмини ўтказа олмайди. Марям кучдан қолаётганини англади. — Ҳадемай, мен Сен билан бирга бўламан. Юҳанно унга энгашди. — Онажон, мен сизни соғинаман, лекин сиз Раббимиз Исо Масиҳ билан бирга эканлигингизни билганимдан қувонаман. Марям яна эшик олдида йиғи овозини эшитди. Ғоят ҳаяжонланган она Юҳаннонинг кўзларига қаради. — Яна одамлар келдими? У бошини қимирлатди. Шу йиллар давомида кўпчилик Марямнинг кийими этагидан ушлаш учун ҳам келишди. У Исонинг онаси бўлгани учун, Унинг қудратига эга, деб ўйлашарди. Баъзилар бўлса унга таъзим қилиб, ўзларини ибодат қилишга нолойиқ ҳисоблаб, улар номидан ибодат қилишни Марямдан сўрашарди. Она уларга қараганда, умуман бошқаларга солиштирилганда ҳам ортиқ жойи йўқ эди. Наҳотки одамлар буни тушунишмаса? Улар Инжилдаги ваъзларни эшитишмаганмикан? Марям доимо қатъият, лекин меҳр билан ўзига таъзим қилгани келганларга ўргатарди. — Наҳотки Исо сизлар менинг ҳузуримга ёрдам сўраб келишларинг учун Ўзини қурбон қилди, шунинг учун ўликдан қайта тирилди? Алданманглар! Нажот Парвардигордан! Исо — Нажоткор ва Раббий! Исо сизларни севади. У сизларнинг ибодатингизни эшитади. Ишонинглар. Марям маъюс жилмайди. — Балки, мен ҳам барча ўлимга маҳкум инсонлар каби ажалим етиб, бу дунёни тарк этганимда, бошқа инсонлардан фарқ қилмаслигимни одамлар ўшанда тушунишар, — она бу дунё билан видолашаётганини ва жони танасидан узоқлашаётганини яна ҳис этди. — Юҳанно, мен ўлганимдан кейин мени шундай пана жойга дафн қилгинки, қаердалигимни ҳеч ким билмасин, тополмасин. Токи менинг қабримни сажда қилиш жойига айлантиришларига йўл қўймагин. Фақат Парвардигорнинг инояти, Унинг куч-қудрати туфайли биз нажот топдик. Исо инсонларни ўлим ва гуноҳлардан озод этиш учун қурбон бўлди. Ўғлим, сен Худони севиш кераклигини уларга тез-тез эслатиб тургин. Уни чин юракдан, сидқидилдан, бутун борлиғи билан севишсин, бир-бирларини ҳам худди шундай севишсин. Инжилни поклик билан сақланглар, ўғлим. Уни асранглар. — Хўп бўлади, онажон, — деди Юҳанно. У онасининг қўлини оҳиста силади. — Мен одамларга ҳақиқатни очаман. Исо — бу Калом, аввал ҳам Калом бўлган. Калом аввал Худода бўлган. Ҳамма нарса У туфайли бошланган ва Усиз ҳеч нима яратилмаган. Унда ҳаёт мужассам, инсонлар учун бундай ҳаёт нур бўлган. Бу нур қоронғуликда порлаб турибди, уни зулмат қамраб ололмайди. — Ҳа, ўғилгинам. Уларга айт… Исо нимани ўргатган бўлса, шуни бажаришсин. ЕСЛАТМАЛАР 1 Фаластинда ўсадиган катта дарахт (писта дарахти бўлиши мумкин). — Изоҳ таржимонники. 2 Бу яҳудийларнинг доимо ишлатадиган мусиқа асбоби. — Муаллиф изоҳи 3 Катта дарахт (писта дарахти бўлиши ҳам мумкин), Фаластинда ўсади. Ноёб дарахт. 4 Ёқимли 5 Алам 6 Иссоп — Фаластинда ўсадиган ўсимлик. Унинг поясидан жамоатда турли маросимларда фойдаланиладиган чўтка тайёрланган. 7 Прозелит — янги эътиқодни қабул қилган киши — Таҳририят изоҳи. 8 Исроилликларда шундай удум бўлган эди: бирор нарсанинг алмашиниши ёки олди-соттисида бу битим қонун бўйича тўғрилигини тасдиқлаб, биттаси этигини ечиб, иккинчисига беради. — Таҳририят изоҳи. 9 Йўаб Раббадаги сув таъминотини қўлга киритди. У чопар жўнатиб Довудни огоҳлантирди. Агар Йўаб шоҳнинг ёрдамисиз Раббани қўлга киритса, унда шаҳар «унинг исми билан аталарди» (Қаранг: 2Шоҳ.12:26-29). — Изоҳ ред. 10 Гуноҳкорга 11 Авессалом икки маротаба отаси билан яраштириб қўйишни Йўабдан илтимос қилди. Лекин Йўаб унинг илтимосини рад этди. Шунда Авессалом бир Йўабнинг тазирини бериб қўймоқчи бўлди. — Қаранг 2 Шоҳлик 14:29:33. — Ред. изоҳи. 12 Шох-унчалик катта бўлмаган, қурбонгоҳ бурчакларида жойлашган вертикал ҳолатдаги дўнг жойлар. Бу жойлар Худонинг куч ва қудратини англатади. Исрилликларда шундай қоида бор: бу қоидага биноан бирор одам келиб ўша шохни ушласа, унга Худонинг шафқати инъом этилади 13 Қаранг.: 1 Шоҳ. 4:1-11 14 Ишаё 11:1-4 15 Шма — яҳудийлар ибодатининг қисқача номи:… (Қонун.6:4). — Аҳририят изоҳи. 16 Геннисарет кўли Эски Аҳдда Жалила денгизи, деб ҳам аталган. Муаллиф асарига иккала номни ҳам киритган.