Джон Макартур ҲУЗУР-ҲАЛОВАТ АМРЛАРИ Бахт томон ягона йўл «Роҳат-фароғат» ибодатхонасига, менинг севимли ва садоқатли «подамга» бағишланади. Сўз боши Мен ҳузур-ҳаловат амрлари ҳақида ваъзлар ўқий бошлаганимга ҳам йигирма йилдан ортиқ бўлибди. Бу менинг ибодатимдаги ва бизнинг ибодатхонамиз ҳаётидаги катта воқеа эди. Оятларнинг сеҳрли ва ўткир кучи, шубҳасиз, бизнинг жамоатимизни руҳлантирди, Раббимиз бизни чорлаётган йўлга жиддий ва янгича қарашга ундади. Ушбу оятлар менинг ҳам юрагимни ларзага солди, чунки улар менга масиҳийнинг улкан имтиёзини — Самовий Шоҳликнинг табааси (фуқароси) бўлишни хотиримга солди. Айни пайтда жамоатимизни бирдамлик руҳи билан суғорилган, олдин эса бизга ёт бўлган жўшқин хурсандчилик ва шодлик қоплади. Бахтимизга, ушбу қувонч шу пайтгача биз билан бирга. Аслида, қувонч — бу ҳузур-ҳаловат амрларининг марказий мавзусидир. Ҳузур-ҳаловат сўзининг ўзи чуқур, тугамайдиган хурсандчилик ҳолатини билдиради. Исо Масиҳнинг фикрича, бундай ҳолатга ҳузур-ҳаловат амрларида айтиб ўтилган ҳислатларга эга бўлганлар тушади. Ҳар гал Ёзувлардаги бу ажойиб парчани ўқиганимда, юрагим хапқириб кетади. Бу сатрлар ҳеч қачон эскирмайди. Уларга кўникиш ҳам мумкин эмас. Биз жўшқин сувдан роҳатланиб ичиш учун қайта-қайта ёнига борадиган қудуқлардан бири шудир. Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳузур-ҳаловат амрлари ҳақидаги илк ваъзларим менинг сўнгги йигирма йилдаги хизматим йўналишини белгилаб берди. Бунинг устига, ўзимнинг жуда кўплаб китобларимда муҳокама қилинадиган фикрлар — хоҳ у ҳақиқий эътиқоднинг моҳияти ҳақида бўлсин, хоҳ Масиҳнинг буюклиги ёки ваъзнинг муҳимлиги тўғрисида, ҳақиқийлиги ва Муқаддас Ёзувнинг шубҳадан ҳоли эканлиги тўғрисида бўлсин — мен ўз ваъзларимда шулар ҳақида сўз юритганман. Менда ушбу муаммоларга қизиқиш ҳузур-ҳаловат амрларини ва Тоғдаги ваъзни чуқур ўрганиш жараёнида пайдо бўлди. Шундай қилиб, менинг деярли барча китобларим шу мавзулар билан тўғридан-тўғри ва узлуксиз боғлиқдир. Исонинг энг муҳим ваъзларини ташкил қилган ҳузур-ҳаловат амрларида Худо Шоҳлигининг асосий тамойиллари ўрин олган. Бу амрларда шу Шоҳликда яшовчи барча таабаларнинг хулқ-атворини белгиловчи ахлоқий, одобга оид (этик) ва руҳий мезонлар кўрсатиб берилган. Ана шу хусусиятларни Масиҳ марҳаматлайди ва улар ҳақиқий бахтга элтувчи ягона йўлдир, деб ўргатади. Ҳозирги пайтдаги кўпчилик масиҳийларнинг тасаввурига кўра, Худо Шоҳлиги — бир ажойиб, ўз-ўзидан келувчи ва бизнинг бетартиб, бефойда ҳаётимиз билан ҳеч ҳам боғлиқ бўлмаган ёқимли бир нарсадир. Кўп тақводорларнинг бундай ночор, руҳий ҳолати қисман Муқаддас Китоб ҳақиқатларини ўқитишнинг паст даражаси билан боғлиқдир. Масалан, баъзилар Тоғдаги ваъзни умуман келажакка — Худо Шоҳлиги қарор топадиган вақтга тегишли деб ҳисоблашади. Натижа кўриниб турибди. Исонинг Тоғдаги ваъзи бизнинг замонимиз учун муҳим эмас, деб эълон қилиш — Раббимиз Ўз халқи учун тайёрлаган таълимотнинг энг муҳим қисмини юлиб ташлаш деганидир. Ушбу ваъзда баён қилинган тамойиллар ўз Шоҳининг маконига бораётган содиқ табаалар учун ҳақиқий қўлланманинг ўзгинасидир, бундан бошқа нарса эмасдир. Ҳузур-ҳаловат амрлари Исонинг Тоғдаги ваъзида баён қилинган бутун таълимотнинг ҳам бошланиши, ҳам пойдевори сифатида айниқса муҳимдир. Муайян маънода ҳузур-ҳаловат амрлари бутун масиҳийлик ҳақиқатининг асосидир. Масалан, улар бизга ҳақиқий эътиқоднинг табиатини тушунишга ёрдам беради. «Бахтли» одамни тасвирлаганда Раббимиз аслида ҳақиқий тақводорнинг суратини чизади. Шунингдек, ҳузур-ҳаловат амрлари — Масиҳ Шоҳлигида бахтга элтувчи йўл бу дунёдаги йўл билан бир хил эмаслигини ҳам кўрсатади. Самовий қувонч ва бахт, мўл-кўлчилик, хурсандчилик, ҳузур-ҳаловат, муаммоларнинг йўқлиги ва ташвишсиз ҳаёт каби тушунчалар билан ҳеч ҳам боғлиқ эмасдир. Бунинг устига, руҳий жараёнлар туфайли қўлга киритиладиган самовий фароғатлар бу дунё қадриятларига сира ўхшамайди. Шунинг учун биз, Худо Шоҳлиги табаалари, ўзимизни бу дунёда уйимиздаги каби ҳис қилмаслигимиз керак. Чунки биз Самовий Шоҳликка тегишлимиз. Биз бу ўткинчи дунёнинг фуқароларимиз, Ўз Шоҳлигимизнинг элчилари қилиб тайинланганмиз. Шундай экан, биз Илоҳий Шоҳликнинг юксак мезонларига мос ҳолда яшашимиз керак. Шунда биз Илоҳий Шоҳликнинг табааларига хос бўлган олий имтиёзларни қўлга киритамиз. Икки ўн йиллик давомида бу китобнинг нашр қилинишидаги ёрдами учун мен «Moody Press» нашриётига миннатдорчилик билдираман. Китобнинг янги нашрида амалий топшириқлар ва китобда фикр юритилаётган мавзудаги фикрлар бўйича саволлардан иборат илова ҳам бор. Мен бу бебаҳо иловадан жуда хурсандман. Сиз, азиз ўқувчим, ўзингиз учун ҳақиқий бахтга элтувчи ягона йўлнинг афзалликларини қўлга киритинг, юрагингиз илгари сизга нотаниш бўлган ажойиб қувончдан шодлансин, деб ибодат қиламан. 1-боб. Ўзингизни синанг Исо — бахтнинг ҳақиқий манбаидир. Афсуски, буни ҳамма тушунмайди ёки бунга ишонмайди. Аслини олганда кўп масиҳийлар умуман ўзларини чинакамига бахтли деб ҳисобламайдилар. Исо Масиҳ Ўзининг энг биринчи ваъзида доимо шу ҳаяжонли мавзуни — бахт мавзусини тилга олади. Бу янги, нотаниш ҳақиқат уни эшитган барча одамларнинг қалбларида портлаган бомба сингари дунёни ларзага солади. Тоғдаги ваъзнинг сўзлари илк тингловчиларни ларзага солди. Чунки уларнинг кўпчилиги ўзларининг Худо олдидаги аҳволлари Исонинг қатъий мезонлари бўйича баҳоланишини истамасдилар. Бундай истамаслик бизнинг замонимизда ҳам ўзларини масиҳийлар деб ҳисобловчилар орасида тез-тез учраб туради. Ҳозирги пайтда одамлар Хушхабарни эшитганда, пайдо бўлган илк қувончни улар ҳис этишга имкон берадиган «итоатсиз ишонч» каби ҳодиса жуда кенг тарқалган. Бу «ишонч» Масиҳ амрларига қатъий риоя қилишдан пайдо бўладиган ва доимий чуқур қувончни ҳис қилишга имкон бермайди. Раббимиз Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 8:30-31-оятларида айтилган эътиқодга бундай муносабатда бўлганимизда, бунинг остида қандай хавф яширинганлигини тушунтирган: «Исо бу сўзларни айтар экан, кўп одамлар Унга ишондилар. Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: «Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдим бўласизлар…» Исо итоатсиз эътиқоднинг асоссиз эканлигини таъкидлайди. Эътиқод итоаткорликни талаб қилмаслиги ҳақидаги фикр нажот топиш ва унга бўлган ишонч ҳақида Янги Аҳд мактубларида айтилган таълимотга мутлақо зиддир. Ҳақиқий масиҳийнинг ҳаёти ҳеч қачон беғубор, ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб яшайдиган қилиб тасвирланмайди. Имонли одам бутун ҳаёти давомида ўз ишлари ва хулқи билан эътиқодини тасдиқлаб турувчи итоаткорликка тўла ҳаёт кечиришга даъват этилган. Бундай ҳаёт бизнинг Масиҳ билан мулоқотимиз натижасидир. Оқшом зиёфатида Раббийга бўлган содиқликнинг бутун теранлиги ўз аксини топади. Оқшом зиёфати — бу энг ажойиб, муқаддас ва нодир ибодат туридир. Бу ибодат тури Исо Масиҳ қони билан покланган, Унинг Маъбадига Худо томонидан инъом этилган. Бу Хоч ҳақидаги муқаддас хотиралар ва ўзликни синаш вақтидир. Нон — Исо танасининг, шароб эса — Унинг қони рамзидир. Бу икки нарса биргаликда Исонинг хочга тортилган жойи сифатида хочни кўрсатишади. Бундан ташқари, бу ерда тирик Масиҳ билан қўшилиш юз беради. «Исо нонни олди, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига шундай деди: »Бу сизлар учун фидо бўлаётган Менинг танамдир. Мени эслаб туриш учун шундай қилинглар…» (Лк. 22:19). Демак, биз учун бу итоаткорликнинг муқаддас рамзи бўлиб хизмат қилади. Мен нон ва шароб турган столнинг ёнига келаман, мен учун Исо Масиҳнинг қони ва танасининг рамзи бўлган энг оддий овқатни тановул қиламан. Баъзи масиҳийлар камдан-кам ҳолларда диний маросимларда қатнашадилар ёки умуман қатнашмайдилар. Бошқалар каби Масиҳ эътиқодини қабул ҳам қилмайдилар. Баъзида бунга сабаб нодонлик бўлади. Одамлар Худо томондан амр қилинган диний маросимлар ва сувда имон келтиришнинг муҳимлигини тушунмайдилар. Баъзида эса гап фақат тана бўйича бўлган масиҳийларнинг итоатсизлигиги бориб тақалади. Аммо баъзида шундай ҳам бўладики, на сувда имон келтиришни, на диний маросимларда қатнашишни истамайдиган одамлар умуман масиҳий эмасдирлар. Эҳтимол, улар ўзларини масиҳийман деб ҳисобларлар, аммо ҳақиқатда бундай эмас. Раббийнинг зиёфатида иштирок этмасликдан ҳам ёмонроқ нарса борми? Унга иштирок этишга лойиқ бўлмай туриб, иштирок этсанг — бу ундан ҳам ёмондир. Бундай қилиш — бу нолойиқ тарзда еб-ичишдир, «…Раббимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади» (қаранг: 1 Кор. 11:27). «Шунинг учун инсон ўзини ўзи имтиҳон қилсин, шундан сўнг нондан есин ва косадан ичсин. Кимки нолойиқ тарзда еб-ичса, еб-ичиб ўзини-ўзи маҳкум қилади, чунки у Раббимизнинг танасини писанд қилмаган» (1 Кор. 11:28-29). Масиҳий тавба қилмасдан, солиҳликни ва муқаддасликни чин дилдан хоҳламасдан Раббий зиёфатида иштирок этса, ўз зиммасига оғир масъулиятни олади. Бундан ҳам ёмони — умуман масиҳий бўлмай туриб диний маросимларда иштирок этишдир. Сиз неча йиллардан бери масиҳий бўлганингиз сабабли, бу китоб сизга тааллуқли эмаслигини менга, Раббийга, ўзингизга айтиб, бу китобни четга суриб қўйишга шошилманг. Ҳузур-ҳаловат амрлари ўзингизни ҳам жиддий синаб кўришга даъват этади. Худди шундай синовга бизни Павлус ҳам чорлайди: «Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар: Исо Масиҳ ичингизда эканлигини билмаяпсизларми?..» (2 Кор. 13:5). Ўз эътиқодингизни исботланг, деб ўргатади У. Агар ўтмишдаги тажрибангиздан ўзингизни халос қилиш учун далил сифатида фойдаланишингиз мумкин бўлганда эди, унда нега Павлус ўзимизни синаб кўришимизга бизни ишонтириши керак бўлиб қолди? Йўқ, буларнинг бариси оддий нарсалар эмас. Сиз: «Аммо мен ҳақиқатда ҳам масиҳийман. Мен эътиқод қиламан. Мен Масиҳга эътиқод қилдим», — дейишингиз мумкин. Кўп одамлар халос бўлишларини тасдиқлаш учун ўз ўтмишларига мурожаат қиладилар. Бироқ Муқаддас Китоб бундай нарсаларга умуман йўл қўймаслигини биласизми? У ҳеч қачон орқага ўгирилиб қарамайди. У доимо ҳақиқий халос бўлиш исботларини сизнинг ҳозирги ҳаётингиз билан боғлайди. Сиз: «Мен ўзимни қандай синашим ва нажот топишимга қандай ишонишим мумкин?» — деб сўрайсиз. Келинг, Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 5-бобига кўз ташлайлик. Исо дунёга келганда, ибронийлар солиҳлик билан ҳаёт кечириши борлигини билдилар. Улар аллақачон ўз ахлоқий қоидалари Низомини белгиладилар ва муқаддаслик мезонларининг тизимларини ишлаб чиқдилар. Аммо буларнинг бари ишга асосланган мунофиқлик ва ўз-ўзидан қониқиш эди. ҲАЁТНИНГ ЯНГИ МЕЗОНИ — ТАҚВОДОРЛИК Исо: «Мен сизга ҳаётнинг янги мезонларини, янги ўлчамларини бераман. Токи сиз улар асосида ўзингиз гуноҳдан фориғ бўлганлигингизни билиб олинг» деган пайтида бу тизимни бутунлай ларзага солди. У одамларга Шоҳлик табааси қандай яшаши кераклиги ҳақида хабар берди. Бунга ўзингиз ишонч ҳосил қилмоқчимисиз? Унда майли, Худованд Руҳи сизнинг халос бўлишингиз ҳақиқатини Тоғдаги ваъз мезонлари бўйича синасин. Унда энг муҳим ўлчов, битта сўздан иборат бўлган — солиҳлик сўзида ҳамма мезонларнинг калити берилган. Исо шундай деган: «Агар сиз — Худонинг бандаси бўлсангиз, унда сизнинг ҳаётингизнинг энг фарқли томони солиҳлик бўлади». Кунларнинг бирида бир аёл менга ўзининг жамоатига борадиган ёш жувон ҳақида сўзлаб берди. Жувон доимо ўзини қатъий равишда масиҳий деб ҳисоблар экану, аммо бегона эркак билан яшар экан. У масиҳийми? Бўлмағур савол. Коринфликларнинг Биринчи Мактубида фоҳишалар Худо Шоҳлигини мерос қилиб олмайдилар, дейилган. Нима учун? Чунки фаҳш — солиҳлик эмас, ҳақиқий художўйликнинг белгиси эса доимо солиҳликдир. Масиҳийлар ҳам суюқоёқлик қилишлари мумкин, аммо бундай ҳолда уларнинг номасиҳийлардан фарқлари қолмайди. Шунинг учун бу жувоннинг нажот топишига шубҳаланиш учун ҳамма асослар бор. Масиҳнинг барча ваъзлари ичида энг асосий оят шундай янграйди: «Сизларга айтиб қўяй: агар сизнинг солиҳлигингиз уламолар ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар» (Мат. 5:20). Бу ибронийлар ибодатхонага ҳар куни боришган, ушр солиғини тўлаб турганлар, рўза тутганлар ва ибодат қилганлар. Улар ашаддий диндорлар бўлганлар! Аммо бунга қарамасдан Исо шундай деган: «Агар сизнинг солиҳлигингиз уларнинг солиҳлигидан ошмаса, сиз Менинг Шоҳлигимга кира олмайсиз». Солиҳлик — мана, Осмон Шоҳлигининг калити. Айнан солиҳлик бизни, масиҳийларни, бошқалардан фарқлаб туради. Солиҳ бўлиш — тўғри яшашни, Худонинг мезонларига кўра, У белгилаб бергандай яшашни билдиради. Аксинча, сизнинг халос бўлишингизнинг ҳақиқийлиги бошқалар учун ҳам, ўзингиз учун ҳам даргумон бўлиб қолаверади (одатда бу ўзига бўлган ишончсизликда ва ҳимоясизлик туйғусида ифодаланади). Ҳар гал ўзларини масиҳий деб атайдиган, аммо масиҳийлик тамойилларига риоя қилмайдиган одамларни учратганимда, хотирамга Ибронийларнинг Мактубидаги оят келади: «Ҳамма билан тинч-тотув яшаш ва муқаддас бўлишга ғайрат қилинглар. Муқаддасликка эга бўлмасдан ҳеч ким Раббимизни кўролмайди» (Ибр. 12:14). Тимотийнинг Иккинчи Мактубида айтилишича, Худо Ўзиникиларни билади. Улар кимлар? Улар Масиҳ номини тарғиб қиладилар ва ёлғондан чекинадилар. Титуснинг Мактубини ўқиймиз: «Худони тан оламиз дейдилар-у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Улар ҳар қандай хайрли ишга ярамас, бўйин эгмас, ифлос одамлардир» (Тит. 1:16). Агар итоаткорлик, солиҳлик, муқаддаслик ва гуноҳга нафрат бўлмаса, касби корингиз ҳам ҳеч нарсани билдирмайди. Бир куни мен бир қавмбошининг: «Сизнинг Исо Масиҳга кела олишингиз ва бунда на ташқи, на ички жиҳатдан ўзгаришингизнинг ҳожати йўқлиги ажойиб эмасми?» деган сўзларини эшитдим. Наҳотки бу тўғри бўлса? Албатта, йўқ. Ўзгаришлар содир бўлиши керак. Шубҳасиз, биз Масиҳнинг олдига, қандай бўлсак шундай келишимиз мумкин. Аммо биз сувда имон келтирганимиздан кейин ҳам олдингидай қолсак, унда бу қанақа имонга келиш бўлади?! Коринфликларнинг Иккинчи Мактуби бизнинг фикрларимизни жуда яхши умумлаштирган: «Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир» (2 Кор. 5:17). Солиҳ бўлиш — ҳеч қачон гуноҳ қилмаслик керак дегани эмас. Юҳаннонинг Биринчи Мактубида айтилишича (1:9), масиҳийлар ўз гуноҳларини эътироф этадилар. Бу шубҳасиз, бизнинг гуноҳ қилмасдан туролмаслигимиздан дарак беради. Аммо биз гуноҳимизни эътироф этамиз, ундан юз ўгирамиз, гуноҳ қилганимизга пушаймон еймиз, ундан нафратланамиз, уни ёмон кўрамиз. «Дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйманглар. Ким дунёга муҳаббат қўйса, унинг қалбидан Отанинг муҳаббати жой олмайди» (1 Юҳ. 2:15). Мана, Ёқуб бу ҳақда нима дейди: «Эй вафосизлар, дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини билмайсизларми? Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади» (Ёқуб. 4:4). РУҲАН ОЧЛИК ВА СОЛИҲЛИК ИСТАГИ Гап ҳаётга мутлақо янгича ёндашиш ҳақида кетяпти. Биз гуноҳ қиламиз, аммо гуноҳ ҳаётимизга кириб келган зоҳоти, ундан Павлус нафратлангани каби, нафратланамиз (қаранг: Рим. 7). Биз руҳий очликдан азоб чекамиз ва ҳақиқатга интиламиз. Биз итоаткор бўлишни хоҳлаймиз, ўз биродарларимизни севишга ва бу дунё ёвузликларидан нафратланишга интиламиз. Агар биз ҳақиқий халос бўлишни қўлга киритсак, ҳаммаси айнан худди шундай бўлиши керак. Ўша эски йўлдан осонлик ва хурсандлик билан боришда давом этиб, сиз ҳеч кимни ўзингизнинг масиҳий эканлигингизга ишонтира олмайсиз. Тавба қилиш, ибодатхонага бориш, жамоат аъзоси бўлиш учун суҳбатдан ўтиш ёки Инжилга оид рисолани ўқиш — буларнинг бари сизнинг халос бўлганлигингизга гувоҳ бўла олмайди. Муқаддас Китоб бўйича халос бўлишнинг мезони — бу сиз ҳозирда қандай яшаётганлигингиз. Агар сиз ҳақиқий художўй одам каби ҳаёт кечирмасангиз, унда сиз «тана бўйича» масиҳий, ёки умуман масиҳий эмассиз. Ҳақиқатда, сиз ким эканлигингизни фақат Худо билади, чунки сиз алданишингиз мумкин. Мен ўзим қавмбошилик қилаётган жамоатда масиҳий бўлмаган одамларнинг кўплигини юрагимда оғриқ билан тан оламан. Ушбу китобнинг навбатдаги ўн бир бобидан шуни билиб оламизки, агар Масиҳга келган одам, ички кечинмалардан ларзага келмаса, ўзининг гуноҳкор эканлигига куйинмаса, агар унда солиҳлик истаги бўлмаса, бинобарин, бу одам асло масиҳий эмас. Бизга бу мезонлар Раббимиз томонидан берилган. Энг аввало, У айтганидай, Шоҳликка кира билиш лозим. Унинг Тоғдаги ваъзи худди шундан бошланади. Кўп одамлар Масиҳга келишади, чунки улар, бизда бор нарса, биз эгалик қилаётган нарсалар Худони қизиқтиради, деб ҳисоблашади. Агар биз: «Шундай машҳур одам масиҳий бўлса, зўр иш бўларди! Раббий ундан роса фойдаланарди…» десак, биз адашишга йўл очиб бермаймизми? Худога бу керак эмас. Нега Унинг кучига қўшимча равишда бизнинг қобилиятларимиз ва истеъдодларимиз керак деб ҳисоблаймиз? Йўқ, агар сиз Исонинг олдига Унинг шартларини қабул қилиб келмасангиз, сиз Унга умуман кела олмайсиз. Унинг шартлари эса қуйидагича: юракнинг ғамга ботиши, мўминлик, итоаткорлик, руҳий ташналик ва солиҳлик истаги. Осмон Шоҳлигининг таабалари мурувватли, қалблари тоза, тинчликпарвар, ҳақиқат учун қувилган ва ҳақоратланганлар. Эҳтимол, сиз бир неча йил илгари тавба қилгандирсиз. Агар сизда юқорида санаб ўтилган хусусиятлар бўлмаса, сиз ҳақиқий озодликни олмагансиз. Эҳтимол, йиллар ўтиб, сиз ўз гуноҳингиз туфайли ғам-ташвиш чекиб Худога қайтиб келгандирсиз. Айнан шу дамда сизнинг халос бўлишингиз ҳақиқий бўлди ва сиз Худо Шоҳлигига кирдингиз. МАСИҲ ҲАҚИДА ГУВОҲЛИК БЕРИШ — ХУДОГА ЁҚАДИГАН ХУСУСИЯТ Агар сиз ҳақиқий масиҳий бўлсангиз, унда сиз нафақат Осмон Шоҳлигига кирасиз, балки Масиҳ ҳақида гувоҳлик берасиз. Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 5-боб, 13-оятида Масиҳ бизни — ернинг тузи, 14-оятида — дунёнинг нури, деб атайди. Агар сиз ҳақиқатдан ҳам масиҳий бўлсангиз, сизнинг гувоҳлигингиз бошқа дунёдан қатъий ва аниқ фарқ қилади. Гап шундаки, дунёни чириётган бир бўлак гўшт билан таққослаш мумкин. Туз эса гўштни бузилишдан сақловчи воситадир. Шу сабабли буюк ғам вақти жуда даҳшатли бўлади. Ибодатхона йўқолса, туз ҳам йўқолади. Биз ривожланишнинг бузилиш жараёнини тўхтатиб турувчи консервантлар (овқатни бузилишдан сақловчи модда) вазифасини ўтаймиз. Биз бутун дунёга яхши кўриниб турган тоғ чўққисида ёқилган машъал бўлишимиз керак. Бизнинг гувоҳлигимиз ўзи нима дегани? Бизнинг бошқаларга ўхшамаслигимизни ҳамма биладими? Ёки биз ҳам бошқалар қиладиган ишни қиламизми? Биз масиҳий бўлганимиздан сўнг ҳаётимиз ўзгардими? Бизнинг Раббимиз итоаткорликни, Менинг амрларимни ўрганишни ва бажаришни истовчи Худонинг нажот топган бандаларининг яна бир фарқли хусусияти, деб атаган (қаранг: Мат. 5:17-19). Ҳақиқатдан ҳам, менинг хавфсизлигим итоаткор бўлишга тайёрлигимга тўғридантўғри боғлиқдир. Итоатсизлик қилиб, мен халос бўлиш ишончидан маҳрум бўламан. Халос бўлишга ишонч — бу итоатсиз тақводорларга берилмайдиган Худо инъомидир. Келинг, ҳаворий Бутруснинг гапларига қулоқ тутайлик: «…имонингизни бут қилишга жон куйдиринглар. Шундай қилиб, имонингиз устига фазл-камолотга эга бўлинглар. Фазл-камолотингиз устига онг-билимга эга бўлинглар. Онг-билимингиз устига нафсни тийишни ўрганинглар. Нафсни тийиш устига сабр-тоқатли бўлинглар. Сабр-тоқатингиз устига диёнатга эга бўлинглар. Диёнатли бўлиш устига биродарларингизни севинглар. Биродарсеварлик устига тугал муҳаббатга эга бўлинглар» (2 Бут. 1:5-7). Бундай эзгу ҳаётнинг мақсади нима? Ҳақиқий художўй одам нимага интилиши керак? Агар бу хислатлар сизда мавжуд бўлса ҳамда яна ортиб бораётган бўлса, унда сиз Раббимиз Исо Масиҳни таниб-билиш йўлидан на суст, на самарасиз бўласизлар. Бу хислатлардан бенасиблар эса калтабин ва кўрдир, улар аввалги гуноҳларидан тозаланганини унутганлар. Шунинг учун, эй биродарлар, Худо сизларни танлаганини ва даъват этганини билиб, бунга муносиб бўлмоқ учун яна астойдил ҳаракат қилинглар. Бу йўлни тутсангиз, ҳеч вақт қоқинмайсизлар… 2 Бут. 1:8-10 Гап нажот топишни қўлга киритиш ёки ҳаттоки уни сақлаб қолиш ҳақида эмас. Буларнинг ҳаммаси мукаммал қудратли Худонинг измида. Шоҳликка кираётганимизда доимо бизга ҳамроҳ бўладиган бехавотирлик, ишонч ва ҳимояланганлик туйғусидан ҳузур-ҳаловат топишимизни Бутрус тасдиқлайди. Итоатсизлик бизни халос бўлишга ишончдан маҳрум қилади. Демак, менинг нажот топишим, менинг гувоҳлигим ва менинг қувончим ҳузур-ҳаловат амрларида санаб ўтилган хусусиятлар менинг ҳаётимда қанчалар тўла ва доимий намоён бўлишига боғлиқдир. Павлус Римликларга мактубнинг 7-бобида Худо қонунини бажаришни қанчалар хоҳлагани, гарчи уни доимо гуноҳ таъқиб қилган бўлса-да, у бу қонунни қандай севгани ҳақида сўзлайди. Ҳақиқатдан ҳам, сиз халос бўлдингизми? Сиз ўз гуноҳларингизга пушаймон бўлиб, адолатсиз юрагингиздан ғамга ботиб Худога келдингизми? Сиз бу дунёнинг ишларидан қайтганингиз ростми? Сиз Худога итоаткормисиз? Сизнинг юрагингизда Унинг иродасини бажаришга кучли хоҳиш борми? Агар сиз ҳақиқатдан ҳам Худога келган бўлсангиз, сизнинг фикрларингиз ўзгаради. Сиз янги юрак оласиз. Пайғамбар Ҳизқиёнинг китобида (36:26) Раббий гуноҳлардан фориғ қилаётганда У одамнинг қайсарликка тўла тош юрагини олиб, унинг ўрнига янги тана юрагини беришини айтган. Исо нафрат билан шаҳват қотиллик ва бузуқликдан ҳеч ҳам фарқ қисмаслиги ҳақида ибронийларга гапирган, буларнинг бари юракдан чиқишини кўрсатган (қаранг: Мат. 5:21-32). Менга кимдир ўзининг масиҳий эканлиги ҳақида гапириб, бир пайтнинг ўзида бузуқлик, бачавозлик (гомосексуализм) ёки шунга ўхшаш бошқа гуноҳ иш билан машғул бўлса, мен Коринфликларнинг Биринчи мактубига мурожаат қиламан. Унда айтилишича, бундай бузуқ одамлар Илоҳий Шоҳликни мерос қилиб ололмас эканлар. Бу одамлар Масиҳга етишиш учун Унинг шартларига кўнмадилар, улар ўз шартларини қўйдилар ва шунинг учун ҳеч нарсага эриша олмадилар. ТЎҒРИ СЎЗ, ТЎҒРИ САЖДА ҚИЛИШ, ТЎҒРИ МУНОСАБАТЛАР Агар сиз ҳақиқатдан ҳам Шоҳлик фарзанди бўлсангиз, сизнинг сўзларингиз тўғри бўлиши ҳақида Масиҳ сўз юритади. Чунки гаплар юракнинг ҳис-туйғуларга тўлиб тошганидан пайдо бўлади, дейди У. Исонинг айтишича, агар сизнинг юрагингиз адолатни чин дилдан хоҳласа, сиз барибир итоаткорликка келасиз. Худога итоаткор бўлиш — бу тўғри фикрларга эга бўлиш демакдир. Ана шундагина сизнинг оғзингиздан тўғри сўзлар чиқади. Бу эса сизнинг фақат тўғри ишлар қилишингизга олиб келади. Сиз ҳеч кимдан ўч олмайсиз, фақат эзгу ишлар қиласиз. Агар биров сиздан нимадир сўраса, сиз унга икки баробар қилиб берасиз. Сиз нафақат ўз яқинларингизни, балки ўз душманингизни ҳам, ҳаттоки солиқ йиғувчини ҳам яхши кўрасиз. Исонинг гапига қараганда, энг муҳими — Худога ўхшаган бўлишдир (қаранг: Мат. 5:48). Бундан беш йил олдин жамоатхонага борганингизни ёки жамоат аъзоси карточкасини тўлдирганингизни рўкач қилиб, масиҳий номини олишга даъво қилманг. Ибодатхонага борганингизни ва руҳонийлар билан суҳбатлашганингизни айтиб, масиҳий эканлигингизга Худони ишонтиришга уринманг. Қандайдир тақводор устоз сизни масиҳий деб атагани учун ҳам, мен шу номга лойиқ эканман, деб ўйламанг. Чунки тақводор ҳам ўша вақтда сиз тўғрингиздаги ҳақиқатни билмаган бўлиши мумкин. Бунга ишончни фақат Муқаддас Руҳ беради. Муқаддас Руҳ ишончни ички Руҳ амри (қаранг: Рим. 8) ва аниқ ишлар орқали беради. Маъқул ишларсиз эътиқод ўликдир, дейди Ёқуб. Бу ҳақда Исо шундай деб айтган: «Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдим бўласизлар» (Юҳ. 8:31). У сизнинг фикрларингиз тўғри бўлишини, итоаткор бўлишингизни, тўғри сўзлар гапиришингизни ва тўғри ишлар қилишингизни назарда тутган. Шунингдек, Исо яна айтганки, Шоҳликнинг фарзанди Худога тўғри ибодат қилиши керак. Одамларга кўриниш учун кўча ва бурчакларда туриб ибодат қилишни яхши кўрадиган иккиюзламачилар, ҳаммага ўзининг тақводорлигини кўрсатиш мақсадида рўза тутаётганлар ва садақа бераётганлардан фарқли ўлароқ, сизлар тўғри ибодат қилишларинг керак (қаранг: Мат. 6:1-18). Шунингдек, ҳақиқий масиҳийнинг пулга ва дунёга муносабати ҳам тўғри бўлади. У пулларга ружу қўймайди. Матто баён этган Муқаддас Хушхабарда (6:19) айтилишича, Худонинг одамлари ўзларини Худонинг хизматчилари деб атайдиганлардан, аммо бутун ҳаётини пул топишга бағишлайдиган одамлардан фарқли равишда бу дунёда хазина тўплашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўймайдилар. Бир вақтнинг ўзида Раббийга ва маммонга (бойлик худосига) хизмат қилиш мумкин эмас. Бир вақтнинг ўзида ҳам Худога, ҳам дунёга дўст бўлишга интилиш бефойда. Муқаддас Ёувларнинг айтишича, агар сиз дунёни яхши кўрсангиз, Худога нисбатан севгингиз йўқ. Исо, Осмон Шоҳлиги табаалари моддий эҳтиёжларга тўғри муносабатда бўладилар, деб айтган (Мат. 6:25-34). Бунинг ташвишини Худо қилишини улар биладилар. 31-оятдан бошлаб Исо ўқувчиларини шундай деб огоҳлантиради: «…нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Бутпарастлар ҳадеб буларнинг ғамида юришади…». Шоҳликнинг ҳақиқий боласи одамларга ҳам тўғри муносабатда бўлади. Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 7-бобида айтилишича, ўз ҳаётида муаммолари бўлган одам қандай қилиб бошқаларни ҳукм қилиши мумкин. «Ажабо! — дейсиз сиз. — Демак, мен Худонинг олдига ўз гуноҳларимдан хафа бўлиб келганимда, У бир зумда мени ўзгартириб янги юрак беради. Мен туз ҳамда тоғ чўққисида ёниб турган чироқ бўламан. Дунё мени бошқалардай эмаслигимни кўради. Мен тақводор бўлишни хоҳлайман, натижада менда тўғри фикрлаш тарзи, тўғри сўзлаш хусусияти пайдо бўлади. Мен тўғри ишлар қиламан. Худога тўғри ибодат қиламан. Пулга, нарсаларга ва бу дунёнинг қадриятларига тўғри муносабатда бўламан. Ана холос! Ким бундай яшай олади!?» Жуда яхши. Сиз шундай хулосага келганингиздан мен жуда хурсандман, чунки чиндан ҳам бундай яшаш мумкин эмас. Ҳеч ким бундай яшай олмайди. Бунинг иложи йўқ. Исо бой — бадавлат ёш йигитга бор бойлигини сотиб, пулини камбағалларга тарқатишни ва Унинг йўлидан юришни буюрди. Аммо йигит ўз пулларини Исодан кўра кўпроқ яхши кўрган. Шунинг учун у Исодан узоқлашган. Яҳудийлар, бойлар учун Худо шоҳлигига кириш осон, деб ҳисоблаганлар. Чунки бойлар кўпроқ қурбонликлар сотиб олишади, улар кўплаб эҳсонлар тарқатишади ва камбағалларга кўпроқ мурувват кўрсата олишади. Исо ўз ҳақиқатини ёритиш учун бойлик мавзусига мурожаат қилди. У Ўз шогирдларига шундай дейди: «Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади. Яна сизга айтаман: бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир» (Мат. 19:23-24). Туя нинанинг тешигидан ўта оладими? Сиз: «Аммо У Игна дарвозасини назарда тутган», дейсиз (тахминан, гап ўша пайтдаги кичик дарвозалар ҳақида кетяпти. Улардан туя ўтолмас эди). Йўқ, лекин бу ерда Раббий бу ҳақда гапирмаяпти! У бой одамнинг халос бўлишидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир, деган. «Бу мумкин эмас», — деб таъкидлайди Исо. Демак, ростдан ҳам шундай. 25-оятда шундай дейилган: «Шогирдлари буни эшитиб, чандон таажжубландилар…». Агар У Игна дарвозаси ҳақида гапирганда, шогирдлар бунчалар таажжубланишмас эди. «Унда ким нажот топа олади?» — деб сўрашди шогирдлар. Исо уларга қаради ва шундай деди: «Одамларга бу имконсиз, лекин Худога ҳамма нарса мумкиндир». Ҳеч ким ўз кучи билан нажот топа олмайди. Бу фақат Худо орқали мумкин. Бу учун бизнинг кучимиз йўқ; биз бунга қодир эмасмиз. Мана нима сабабдан биз Худонинг мурувватига батамом суянишимиз керак. Бой одам «ғолиблар» сафига ўзининг моддий юки орқали кириб олмоқчи бўлади, лекин бу юк унга ёрдам бермайди. Чунки унинг юки дуо ўрнига лаънат келтиради. Худо Шоҳлигига ягона йўл — одам ўзини Унинг олдида заифлигини англашидир. Яланг оёқ эканлигини тан олиб, Маттонинг Муқаддас Хушхабарига кўра (5:3) руҳан камбағал бўлгани, йиғлаётгани ва адолатга очу чанқоқ бўлгани учун раҳм-шафқат топади. Одам ўз кучи билан ҳеч қачон бунга эриша олмайди. Кўпчилик бу шартларни бажаришни хоҳламайдилар. Улар Осмон Шоҳлигига ўз йўлларидан боришни истайдилар. Улар осмон поездига ўзларининг барча юклари билан киришни хоҳлайдилар. Уларнинг юклари бесаранжонлик, гуноҳ, шайтон ва уларнинг «мен» сўзидан иборат тўртта хуржинидир. Улар: «Исо, Сен менга ваъда қилган бахтга эришишни хоҳлайман. Мен дўзахга киришни истамайман. Мана мен!» — деб бақирадилар. Аммо шунда ҳам улар бирорта хуржинларидан айрилишни истамайдилар. Аммо улар учун ҳам йўл бор-ку. Матто Хушхабарига қайтайлик. Шогирдлар Исонинг сўзларини тинглаётган бошқа одамлар билан бирга, эҳтимол, шундай фикр юритгандирлар: «Ким бундай мезонларга мос кела олади?» Аммо У шундай дейди: «Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп…» Нега? Бу йўл кенг ва сиз унга ўзингизнинг барча юкингиз билан кира оласиз. Бу йўлни очадиган дарвоза ҳам кенг. Сиз ўзингиз билан истаган нарсангизни олишингиз мумкин: ишларингизни, мағрурлигингизни, мустақиллигингизни. Айниқса, «Мен Исо билан бўлмоқчиман, аммо бу нарсалардан ҳам ажралмоқчи эмасман» деган фикрингизни ҳам. 14-оятда айтилишича: «Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз». Сиз ҳеч турникет (кириш-чиқиш жойларида одамларни битта-битта ўтказиш учун ўрнатилган ғов, масалан, метрода — изоҳ таржимонники) орқали бирданига тўртта чамадон олиб ўтишга уриниб кўрганмисиз? Ўзингиз ўтиб олишингиз учун бор юкингизни ташлашга тўғри келади. Сиз қуруқ қўл билан ўтишга мажбур бўласиз. Ҳалокатга элтувчи кенг дарвоза тепасида «Дўзахга йўл» деган огоҳлантирувчи ёзув тахтача йўқ. Аксинча, дарвоза тепасида «Осмонларга» деган ўзига тортувчи ёзув тахтача бор. Кўплар бу йўлдан юришга ҳавас қиладилар. Бу йўл кенг ва ундан юрганда ўз юкингиздан халос бўлишингиз ҳам керак эмас: ҳаёт тарзини ҳам, фикрлаш тарзини ҳам ўзгартириш керак эмас. Ҳеч нима талаб қилинмайди! Бу йўлдан юришингиз учун қуйидагиларни айтсангиз кифоя: «Мен тавба қилдим», ёки «Мен сувда имон келтирдим», ёки «Мен жамоатхонага бордим», ёки «Мен жамоат қатнашчиси карточкасини тўлдирдим», ёки «Кичкиналигимда ойим жамоатга мени олиб борган». Ҳар қандай вазиятда ҳам, бунинг ҳаммаси керакли йўл эмас, чунки у ҳалокатга олиб боради. Энг қайғулиси шуки, кўпчилик нотўғри йўлни танлаганликларини англамасдан, шу йўлдан кетаверадилар. Тавба қилишнинг ёки сувда имон келтиришнинг ҳеч ёмон жойи йўқ, аксинча, бу яхши. Аммо гап шундаки, кўпинча бу ҳаракатлар номигагина ўтказилади. Бундай ҳолда юракнинг ҳақиқий ўзгариши юз бермайди. Мана шу кенг йўлдан бораётган «кўпчилик» вақти келиб бир куни Исодан шундай сўзларни эшитадилар: «…Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг йўлимдан кетинглар!» (Мат. 7:23; яна қаранг: 25:41). Баъзилар «қарор қабул қилиб» тавба қилдилар, аммо уларни дунё билан боғлаб турувчи киндикни ҳали кесмадилар. Улар ўзларининг ярамас ҳаёт тарзини ташламадилар. Бахтга эришиш учун улар, бизнинг қабул қилган қароримиз ва эътиқод тажрибасига эга эканлигимизнинг ўзи етарли, деб хато қиладилар. Мободо улар кенг йўлда қолсалар, қачонлардир улар Шоҳликдан ташқарида қолиб кетадилар. Жон Буньян айтганидай, осмоннинг асосий кириш жойи ёнида яна дўзахга кириш эшиги ҳам борлигини кўрадилар. Бу йўл осон ва кўпчилик шу йўналишга чипта сотади. Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинг. Исо шундай деган: Мени «Ё Раббий, ё Раббий» деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди. Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади. Қиёмат кунида кўплар Менга: «Ё Раббий, ё Раббий, бизлар Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан кўпгина мўъжизалар яратмадикми?» — дейдилар. Ўша вақтда Мен уларнинг юзига қараб: Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг олдимдан кетинглар! — дейман». Матто 7:21-23 Ўзингизни аллаламанг. Севимли бандаларим, ҳақ йўлидамисиз, ўзингизни синаб кўринг. Бунга ишонч ҳосил қилинг. Худонинг шартлари ана шулар. Исоқ Уотс шундай ёзади: Қанчалар заиф ва гуноҳкор ҳамма мавжудот, Ўз юкини англай олмаганлар. Ўзгармаган юрак қайта тикланмас Худованд ва бахт-саодат учун. Бузуқ истаклар, сўқир хоҳишлар Ҳалокат йўлидан олиб боради. Яраланган онг хавфсиз, тор йўлни Асло топиб юра олмайди. Мен ожиз бандаман, қайсарлигимни Енгиб ўтиш қўлимдан келадимикан? Йўқ, фақат Сен Буюк Нажоткор Янги юракни менга ато этурсан. Оҳ, бизнинг маккор юракларимизни Юқоридан ўзгартириб, уларга нажот бер, Токи бизнинг кучимиз, эҳтиросларимиз Сеникига айлансин, қодир ё Раббий. Тор йўл ўрнига кенгидан бориш — бу ўзига қораланишни олиш демакдир. Буни Раббий икки уй мисолида жуда яхши кўрсатиб берган. Бу иккала уй ташқи кўринишидан бир хилга ўхшарди, аммо уларнинг пойдевори ҳар хил эди. Шунинг учун ёмғир ва селлардан битта уй — тош устига қурилгани йиқилмай қолди, иккинчиси — қум устига қурилгани эса қулаб тушди. Кенг йўлдан бораётган одамлар ўз уйларини энг муҳим тош ҳисобланмиш Исо Масиҳсиз қурадилар. Уларнинг ишлари худди қумдай сочилиб кетадиган пойдевордир (қаранг: Мат. 7:24-27). ҲАЛИ ҲАМ ВАҚТ БОР: ХУДОНИНГ САБР-ТОҚАТИ Ҳозирча бизнинг вақтимиз бор, аммо у тамом бўлиши мумкин. «Сиз қаердан биласиз?» — деб сўранг. Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарни (12:32-34) ўқинг: Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан. Ушбу сўзларни Исо Ўзининг қай йўл билан ўлишини билдириш мақсадида айтган эди. Халқ бунга жавобан деди: «Биз Тавротда, Масиҳ абадий туради, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен: Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Ким бу Инсон Ўғли? Улар Масиҳнинг абадий яшаши ҳақида эшитганлар. Исо уларга айтди: «Яна қисқа бир муддат нур сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди. Ҳозирча нурга эгасизлар, нурга ишонинглар, токи нур аҳли бўлинглар. Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб кетди ва халқнинг кўзидан яширинди. Юҳанно 12:35-36 Қандай ажойиб манзара! У қанча ишониш мумкин бўлса, шунча ишониш кераклигини айтади. Буни исботлаш учун У яширинди. У бу орқали Ўзи улар билан бўлмаган пайтда уларни нималар кутаётганлигини кўрсатишни истарди. Юҳанно Хушхабарининг 8-бобида Исо бу ҳақда 12-оятдан бошлаб энг камида уч маротаба сўз юритади: «Исо яна халққа хитоб қилди: «Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади». Кейин У яна шундай деди: «Мен кетяпман. Сиз Мени қидирасиз-у, гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар» (21-оят). Бу энди иккинчи огоҳлантириш: агар одамлар имкони борлигида ёруғликка мурожаат этмасалар, шундай кун келадики, нур улар учун қўл етмас бўлади. Исо яна учинчи марта уларга шундай деди: «Сиз гуноҳкор бўлиб ўласизлар, деб айтдим-ку сизларга. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар» (24-оят). Исо доимо Ўз севгисини сахийлик билан ёғдиради. Аммо У ҳар доим бунинг чегараси борлиги ҳақида огоҳлантиради. Шундай вақт келадики, Худонинг инсон гуноҳларига чидами ва шафқати тугайди (қаранг: Ибт. 6:3). Ишаё Пайғамбарнинг Китобида (63-боб) Худонинг ғазаби Унинг марҳаматидан кескин фарқ қилади. 7-оятида пайғамбар мана нима деган: «Эгамизнинг яхшилигини айтаман, бизга берган инъомларини айтаман, Исроил халқига қилган буюк эзгуликларини, шафқати, яхшиликлари билан уларга қилганларини айтаман». Қандай ажойиб сўзлар! Бу сўзлар Худонинг марҳаматли севгисидан дарак беради. «Эгам деди: «Ҳа, улар Менинг халқимдир, мени алдамайдиган фарзандлардир». Хуллас, уларнинг Қутқарувчиси бўлди» (8-оят). Худонинг қандай бебаҳо сурати! У шундай раҳмдил, шундай мурувватли эди. «Улар қийналганларида, Эгам ҳам азоб чекди, Эгамнинг фариштаси уларни қутқарди. Севгиси, шафқати билан уларни қутқарди. Эгам азалдан уларни опчилаб, кўтариб келди» (9-оят). Аммо 10-оят ажойиб манзарани бузиб, очиқ кундаги момақалдироқ каби гумбурлайди: «Аммо улар исён қилдилар, Эгамнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар. Эгам ҳам қайтиб уларнинг душмани бўлди, Эгамнинг Ўзи уларга қарши курашди» (10-оят). ҲАҚИҚИЙ ТАҚВОДОРЛИК МЕЗОНЛАРИ ҲАҚИДА ТАЪЛИМОТ Навбатдаги бобларда биз ҳузур-ҳаловат амрларини сўзма-сўз батафсил кўриб чиқамиз. Баъзида бир гапнинг пухта таҳлилига бир нечта саҳифаларни бағишлашимизга тўғри келади. Кўп бошқа тадқиқотчилар каби биз буюк руҳий ва ҳаётий ҳақиқатга дуч келамиз. Уни бизга очишга бу ажойиб ва ҳаммага яхши таниш бўлган мисралар ёрдам беради. Бироқ бу китобнинг энг асосий мақсади ҳузур-ҳаловат амрларига яна бир тавсифни яратиш эмас. Биз ўз ҳаётимизни жиддий баҳолашимиз ва уни тушунишимиз, бу амрларда жамланган ҳақиқий тақводорлик мезонларига қанчалар мос эканлигини билишга чақириқ сифатида бу китобни кўриб чиқишимиз керак. Эҳтимол, сиз ҳаётингизни Исо белгилаган талаблар ва мезонларга маълум даражада жавоб беришини кўрарсиз. Бундай ҳолда сизнинг қутулишингиз ҳақидаги ишончингиз янада қатъий бўлади. Аммо сиз бу кучли сўзлардан хафа бўлишингиз ва ҳайрон қолишингиз ҳам мумкин. Сиз шокка ўхшаган бир нарсани ҳис қиласиз. Ҳаттоки устингизга шиддат билан ёғилган кўнгилсизликлардан ва ишончсизликдан ўзингизни руҳан эзилган ҳис қилишингиз ҳам мумкин. Агар бирортангиз билан шундай воқеа содир бўлса, мен ишонаманки, сиз Муқаддас Руҳга юрагингиз билан суҳбатлашишга имкон берасиз. Муқаддас Руҳ сизга чин бахтга элтувчи йўлга чиқиб олишингизга ёрдам беради. Бундай бахт сизнинг ҳаётингиз Масиҳ кўрсатган йўналишда ҳаракатланаётганини ва Унинг муқаддаслик мезонларига мос келиш истаги билан тўла эканлигини билганингиздагина келиши мумкин. Ўзларини масиҳий деб атайдиган кўп одамлар ўз эътиқодларига зид равишда яшашади. Уларнинг баъзилари ўзларини нажот топган ҳисоблаб алданиб қоладилар. Бу жуда фожиали вазият. Бундай одамларнинг юраклари ва онглари, ҳатто ташқаридан улар жуда тақводор кўринсалар-да, ҳақиқатга мойил бўлмайдилар. Биронтамиз ҳам Муқаддас Китобнинг қуйидаги огоҳлантиришларига эътиборсизлик қилмаслигимиз керак: Агар бирор киши, гарчи ҳеч нарса бўлмаса ҳам, ўзини муҳим киши ҳисобласа, у ўз-ўзидан алданган бўлади. Ҳар ким ўз ишини муҳокама қилсин, шунда бошқанинг ишига қараб эмас, балки ўз ишига қараб таҳсин олади. Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим. Илоҳий Каломдан таълим олувчи таълим берувчи билан ҳар қандай эзгуликни баҳам кўрсин. Адашманглар, Худо ҳақоратланмайди. Инсон нима экса, шуни ўради. Ўз нафси даласига уруғ экса, нафсдан завол ўриб олади. Руҳ даласига уруғ экса, Руҳдан абадий ҳаёт ўриб олади. Гал. 6:3-8 Худо сабр-тоқатли, Худо раҳмдил, Худо мурувватли. Худо олийжаноб, олийҳиммат ва ҳокисордир. Худо кимнингдир ҳалок бўлишини хоҳламайди. Аммо Худонинг сабр-тоқати ҳам чекланган. Мободо сиз ҳали ўз ҳаётингизни Масиҳга бағишламаган бўлсангиз, Унинг шартларига асосан Унинг Шоҳлигига кирмаган бўлсангиз, буни ҳозир имкони бор вақтида амалга оширинг. Ёруғлик қўл етадиган жойда турганда, унинг олдига келинг. Худонинг юзи яшнаб турган пайтда Ўғилнинг ҳузурига келинг. 2-боб. «Ғоят бахтлидирлар…» (Мат.5:1-2) Ҳузур-ҳаловат амрларида Исо бахтлилар сўзидан тўққиз марта фойдаланади. «Бахтли» демак — бахтиёр, яъни ички қувончга тўлиш дегани. Бу сўзни ҳар гал кўриб чиқилаётган матнда учратганимизда шундай изоҳлашимиз керак. Исо бахтга элтувчи ягона йўл ҳақида гапиради. Ушбу китобда ўрганиладиган матнни тўлалигича келтирайлик: Иср талай халойиқни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. Исо уларга таълим бериш учун оғзини очиб, деди: «руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Йиғлаётганлар бахтлидир, чунки улар тасалли топур. Беозор бўлганлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлур. Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, чунки улар тўқ бўлур. Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар раҳм-шафқат топур. Покдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар Худони кўрур. Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур. Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақингизда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз. Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган». Матто 5:1-12 Шундай қилиб, барча бу ҳақиқатлар чексиз қувончга олиб келиши керак. Аммо бу ғайритабиий туюлмаяптими? Маттонинг Хушхабаридан олинган бу парчада кўп одамларнинг ишончларини оқлай олмайдиган Шоҳлик кўрсатилган. Кўриб турганингиздай, бу ерда Исо гапираётган бахт сиз тасаввур қилганингиздан бошқача. Бу ерда айтилишича, бахтли кишилар руҳан қашшоқ, ғамгин, мўмин, оч ва чанқоқ, мурувватли, қалблари пок, тинчлик яратадилар. Уларни эса таъқиб қилишади ва эзишади. «Тўхтанг! Менга бундай бахт кераклигига ишончим комил эмас. Бу кўпроқ бахтга эмас, азоб-уқубатларга ўхшайди. Фақат номи бошқача! Сиз балки ҳазиллашаётгандирсиз!» — деб хитоб қиласиз сиз. Аммо нима бўлса ҳам азоб-уқубат тушунчаси бахтга энг яқин муносабатга эга. Бошқа йўл йўқ. Азоб-уқубат — бу бахтнинг йўлидир. Жуда кўп одамлар учун бу ғайриоддий нарса бўлиб туюлади. Бир муаллифнинг айтишича, бу «Исо ҳаёт уммонига (витринасига) кириб барча нарх-наво қоғозларини ўзгартирди. Ҳамма нарса тескарисига айланди» сингари таассурот қолдиради. Бахт азоб-уқубатдан келадими? Дунё айтадики: «Ўз йўлини тозалаб, йўлида турганларни итариб олдинга интилаётган бахтлидир. Доимо ва ҳамма ерда ўзи хоҳлаган нарсасини ола биладиган бахтлидир. Бахт — бу ола билиш ва эгаллаш имконидир. Бахт — бу нима хоҳласанг шуни қилиш ва нимани хоҳласанг ола билиш. Бой, машҳур, таниқли ва атоқли одамлар бахтлидирлар». Аммо бу ундай эмас. Шоҳнинг Сўзи бу манзарага мос эмас, ахир, бу Унинг ваъзининг фақат бошланиши-ку! Ҳар қандай яхши воиз каби Исо, энг аввало, Ўз мақсадини белгилаб олди. Тоғдаги ваъзнинг бошидаёқ бизга Унинг вазифаси аён бўлади. Биз ҳақиқий қувонч, ҳақиқий бахт, ҳақиқий ҳузур-ҳаловат ва самовий мукофот нима эканлигини билишимиз керак. Кейин (қаранг: Мат. 5-7) У ана шундай бахтни қўлга киритиш учун қандай яшаш кераклиги ҳақида фикр юритади. Барча ваъзлардан буюк ҳисобланган бу ваъзни тушуниш учун, унинг асосида нима ётганлигини тушунишимиз керак. Биз у айтилган вазиятни ва ҳолатни кўриб чиқамиз. Воизнинг шахси ҳақида фикр юритамиз, тингловчилар ва таълимот ҳақида суҳбатлашамиз. Аммо биз олдин Муқаддас Китоб, дунёвий, сиёсий ва диний нуқтаи назарларни кўриб чиқишимиз керак. МУҚАДДАС КИТОБ НУҚТАИ НАЗАРИ Энг аввало, Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан Матто Хушхабарининг 5-бобига яқинлашаётган вақтимизда биз қаерда бўламиз? Инсонга Худо ҳақиқатини очишда Унинг режалари бўйича бизнинг ўрнимиз қаерда? Шундай қилиб, бизнинг ўрнимиз ўзимиз учун янги жойда — фожеали ва тубдан ўзгаришлар пайтида. Келинг, Янги Аҳднинг энг охирига — Малакий Пайғамбарнинг Китобига кўз ташлаймиз: «Мен юртни лаънатлаб йўқ қилмаслигим учун, Илёс пайғамбар ота фарзандларининг юракларини бир-бирига мойил қилади» (Мал. 4:6). Жуда қизиқ. Эски Аҳд лаънат билан тугалланади; Янги Аҳд дуо, фотиҳадан бошланади. Қандай ажойиб ўзгариш! Эски Аҳд — бу Қонун, Синай, момақалдироқ ва чақмоқлар, суд ва лаънатдир. Янги Аҳд — бу Сион, роҳат-фароғат, тинчлик ва шукронадир. Бахтли сўзи — бу бахтиёр маъносини билдирувчи makarios деган грекча сўзнинг таржимасидир. Бу сифат бахтли бўлиш маъносини билдирувчи makar ўзагидан ясалган. Аммо бахтли бўлиш — бу одатда қулай вазиятлар ёки шароитларнинг натижаси деб қаралиши керак бўлган бахт эмас. Масалан, Гомер бу сўздан грек худоларини тасвирлашда фойдаланган. Улар дунё одамларига, заифларга, номукаммалларга, ўлимга ва камбағалликка маҳкум этилганларга боғлиқ бўлмаган ҳолатда ўзларича бахтли эдилар. Айнан шу маънода бахтли сўзи Янги Аҳдда қўлланилади. Греклар Кипрни «бахтли орол» деб аташган. Улар, Кипр шунчалар гўзалки, ҳеч бир кипрлик яхшироқ ҳаётни қидириб, у ерни тарк этмайди, деб ҳисоблаганлар. Makarios сўзи инсон юрагининг ҳар бир истагини бажаришдан келадиган ички қувончни ифодалайди. Уильям Барклай шундай деган: «Инсон бахти ҳаёт ҳадя қилувчи ва унинг ўзи вайрон қилувчи тасодифларга ва ҳаётий ўзгаришларга боғлиқ бир нарсадир. Масиҳий бахти эса — бу дахлсиз ва бузулмасдир»[1]. Исо, бахт — бу ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган қувончдир, дейди (қаранг: Юҳ. 16:22). Бу ички дунё, ички шодлик ва ички бахтдир. Бундай қувонч ташқи муҳит таъсири остида пайдо бўлмайди. Бунинг устига, бахтли сўзи (Ёки «худо марҳаматига сазовор бўлган». — Изоҳ тарж.) одамни таърифлайди ва унинг турмушининг асосини белгилайди. Мен буни ушбу сўз фақат Худо ҳақида бораётганда ишлатилиши учун гапиряпман. Биз Муқаддас Китобда бир неча марта «Худо марҳаматлидир» деган иборани учратамиз (қаранг: Заб. 67:36; 71:18; 118:12; 1 Tим. 1:11 (Рус синодал Инжилда — «марҳаматли Худо».)). Бу ҳолат қандай бўлишидан қатъий назар, у Худодандир, чунки қалбнинг ҳар қандай бахтли ҳолати Худодан ва Исо Масиҳдандир (қаранг: 1 Тим. 6:15). Шуни айтиш керакки, бу ҳолатни тўлалигича ҳис қилиш фақат Худо ва Масиҳнинг «иштирокчиси бўлганларгагина» насиб қилади. Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан ҳузур-ҳаловатнинг ёки бахтнинг тушунчаси ана шунақа, Муқаддас Китобда бошқачаси йўқ. Ҳаворий Бутрус, Раббий Исо Масиҳга ишонганлар «Илоҳий табиатдан баҳраманд» бўлишади, деб айтган (қаранг: 2 Бут. 1:4). Биз худди ўша Худонинг Ўзи ва Раббий Исо Масиҳга таниш бўлган ички қониқишни, бахтнинг ўша чуқур туйғусини ҳис қилишимиз мумкин. Бу қандай ажойиб! Барклай қуйидагича хулосага келган: Дунё ўз қувончларини осонгина яратади ва худди шундай осонлик билан йўқотади. Муваффақиятсизликлар, кучдан маҳрум бўлиш, режаларнинг барбод бўлиши, кўнгил қолишлар ва амалга ошмаган орзулар, ҳаттоки об-ҳавонинг ўзгариши ҳам дунё ҳадя қилиши мумкин бўлган заиф қувончдан бизни осонгина маҳрум қилиши мумкин. Аммо фақат масиҳийгина хотиржам ва ўзгармас қувончни ҳис қилиши мумкин. Бу қувонч Исо Масиҳда юришдан ва Унинг доимий борлигидан пайдо бўлади. Ҳузур-ҳаловат аҳдларининг буюклиги қандайдир гўзал келажакка бўлган хира ишораларда эмас ва ҳаттоки узоқда ялтираб турган рангли тимсолларда ҳам эмас. Уларнинг буюклиги дунёда ҳеч ким ва ҳеч нарса тортиб ололмайдиган абадий қувончни эълон қилишдадир[2]. Аввало, Тоғдаги ваъз Исо Масиҳга эътиқоди йўқ одамларга ҳеч нарса таклиф қила олмайди. Аммо Уни биладиган ва севадиганлар эътиқоди бўйича «Илоҳий табиатдан баҳраманд» бўлганлар учун аслида Худо ва Масиҳнинг характерига хос хусусиятлар бўлган бу қувонч, бу қониқиш, бу бахт, бу ҳузур-ҳаловат туйғуси ҳақиқий бўлади. Демак, биз бахт ва ҳузур-ҳаловат ҳақида гапирганимизда бу сўзларга Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан маъно берамиз ва уларни изоҳлашга юзаки ёндашмаймиз. Агар Эски Аҳд лаънат билан тугаса, Янги Аҳд жаннатдан бошланади. Бу аҳдларга биноан ҳар бир тақводор Худога ўхшаб қолади. Эски Аҳд — бу Одам Атонинг китоби, қайғули ҳикоя. Одам ер юзидаги биринчи шоҳ бўлган. Худо унга ер юзидаги ҳукмронликни ишониб топширган. У биринчи ҳукмрон эди ва у ағдарилди. Шунинг учун Эски Аҳд лаънат таҳдиди билан тугаши керак эди. Аммо Янги Аҳдда янги Шоҳ бор. Матто дарҳол бизга иккинчи Одамни, сўнгги Одамни таништирди. Бу Одам унисидан буюкроқ. У ҳеч қачон тахтдан ағдарилмайди, Ўзидан кейин лаънат қолдирмайди. У Шоҳлик қилиш ва бахт ҳадя этиш учун келди. Янги Аҳд Раббийнинг инояти билан тугайди. Янги Шоҳ келиши билан инсоният тарихида янги ажойиб давр бошланади. Одам лаънатини бекор қила оладиган Ўша келади. Маттонинг Хушхабарида Шоҳнинг шажараси, Шоҳ пайдо бўлишининг пайғамбарлик башоратлари берилган. Шоҳнинг даракчиси тўғрисида, Унинг келиши, Шоҳга итоаткорлик ва Шоҳнинг ишлари тўғрисида сўз юритилади. Ҳозир эса биз Ҳукмдорнинг мурожаатига келдик. Тоғдаги ваъз Шоҳнинг буюк деклорациясидан иборат. Бу деклорацияда У ҳузур-ҳаловат истаганларнинг ҳаммасига лаънат ўрнига ҳузур-ҳаловат ҳадя қилади. Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан бу ваъзнинг маъноси шундай: янги давр, янги Шоҳ, янги ҳақиқат. ДУНЁВИЙ НУҚТАИ НАЗАР Исо Масиҳнинг сўзлари барча дунёвий истеҳкомларни йўқ қилади. Қалбдаги бўшлиқни ташқаридан бирон нарса билан тўлдириб бўлмайди, аммо дунё айнан шунга интилади. Исо ҳаёт дарахти лаънатланган ерда ўсмаслигини айтиш учун келган. Лекин кўпчилик ҳаёт дарахтини айнан ўша ерда қидиришда давом этяпти. Сулаймон қачонлардир бу дунёда яшаб ўтган барча шоҳларнинг энг буюги бўлган. Агар кимдир дунё мезонларига кўра тўлақонли бахтли бўлиши мумкин бўлса, бу Сулаймон эди. У машҳур эди, чунки у Шоҳ Довуднинг ўғли бўлиб, бу наслдан Масиҳ туғилиши керак бўлган. Бутун дунё учун мукаммаллик намунаси ҳисобланган унинг саройи Худо шаҳри — Яҳудода (Қуддусда) жойлашганди. Унинг бойликлари чексиз ва хазинаси жуда улкан бўлган. Эски Аҳднинг гувоҳлик беришича, кумуш оддий тошга тенг эди. У турли-туман мазали таомлардан ҳузур-ҳаловат оларди. Унинг ажойиб отхоналари минглаб зотдор отлар билан тўла эди. Сулаймоннинг қўли остида саройлари, хизматкорлари, узумзорлари, балиққа тўла ҳовузлари ва боғлари бор эди. Ва юзлаб аёллар! Бунинг устига у қачонлардир ер юзида яшаган одамларнинг энг донишманди эди. Сулаймонда ҳамма нарса бор эди. Бу дунё мезонларига кўра, Сулаймон энг бахтли одам эди. Аммо айнан у буларнинг бари ҳақида шундай деган: «…беҳудадан беҳуда — ҳаммаси беҳуда!» (Воиз 1:2). «Беҳуда уринишлар» бўшлиқ деганидир. Янги Аҳдда айтилишича, инсон умри унинг мол-мулки кўплигигагина боғлиқ эмас (қаранг: Лк. 12:15). Агар сиз бахтни бу дунёнинг манфаатларидан қидирсангиз, хато қиласиз. Ахир қалбдаги бўшлиқни арзимас дунё хазиналари билан тўлдиришга умид қилиш тентаклик эмасми? Моддий бойликлар қалбга таъсир қилмайди. Бу жуда оддий, аммо келинг, бу ҳақда кенгроқ ўйлаб кўрайлик. Руҳий эҳтиёжни қандайдир моддий нарсалар билан қондириш мумкин эмас. Бироқ одамлар буни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Масалан, одамлар оиладан бахт топмаганларида янги автомобиль ёки янги костюм сотиб оладилар. Бу ақлга тўғри келмайди. Бунинг аксини ҳам қилиш мумкин эмас. Чунки қорни оч одамни ҳузур-ҳаловат ҳақидаги маърузага таклиф қилишдан фойда йўқ. У барибир овқат ҳақида орзу қилаверади. Сувсизликдан ўлаётган одам эса Худонинг ажойиб муруввати ҳақидаги сўзларга бефарқ қолади, ахир, унинг энг юксак орзуси — бир қултум сув, холос. Бу руҳий чанқоқликни қандайдир моддий нарса билан қондиришга уриниш каби бемаънидир. Шоҳ Шоул ғамга тушганда, тожидаги барча қимматбаҳо тошлар унга тасалли бера олмади. Пайғамбар Дониёрнинг Китобида шоҳ Болтасар ҳақида ҳикоя қилинади. У тарихдаги бошқа ҳеч бир шоҳнинг ҳаётига ўхшамаган ҳаёт кечирган. Кечалари маст-аласт, бебошлик қиларди. Болтасар деворда тўсатдан инсон қўлининг акси пайдо бўлганини кўрганда, у олтин идишдан шароб ичарди. Бу қўл шоҳнинг тарозусида тортиб кўрилди ва у жуда енгил чиқди, деб ёзади (Дон. 5). Муқаддас Китоб эса унинг юз ифодасини ўзгариб кетганлиги ҳақида айтади. Шоҳнинг ичаётган шароби унга аччиқ туюлди, еб турган нарсаси ошқозонига тошдай ботди. Буюк пуритан тарғиботчиси Томас Уотсон шундай деб ёзади: «Қоғоз варағи бизни ўқдан асрай олмагани сингари, бу дунёнинг қадриятлари руҳий касалликлардан ҳам ҳимоя қила олмайди. Дунёнинг ҳузур-ҳаловатлари хаёлийдир…»[3]. Бойлик бахт олиб келишдан кўра ташвиш яратади (қаранг: Воиз 5:12). Исо бу дунёга келиб одамларга бу дунёнинг ҳеч нарсасини таклиф қилмади. Ҳозирги пайтда ўзларини масиҳий деб атайдиганлар жуда кўпайиб кетган. Улар дунё қадриятларини тасалли сифатида таклиф қиладилар. Улар моддий тарафдан гуллаб-яшнашни, муваффақият ва машҳурликни ваъда қиладилар. Исо бунга ўхшаш ҳеч нарса таклиф қилмайди, Тоғдаги ваъзда буларни топа олмайсиз. Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, деб ёзади Лука (қаранг: Лк. 6:20). Худо бу ажойиб, ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган бахт ҳақидаги ваъзида мана нима деган: сиз ҳеч қачон бу дунёда бахт топа олмайсиз. Ҳеч қачон! Бу ҳақда билиб қўйишингиз фойдадан холи эмас. Бу ўликлар орасидан тирикни қидириш билан тенгдир. Сиз бошқа — янада баландроқ даражага кўтарилишингиз керак. Тоғдаги ваъз сизни ўша даражага кўтаради. Сиз бунга тайёрмисиз? У сизни бу дунёдан ва бу дунё нарсаларидан олиб кетади. Сиз телевизорда, афишаларда, реклама доскаларида ва журналларида кўраётган нарсаларингизнинг барчасига ваъз тамомила қарши туради. У сизга умуман бошқа ҳаётий мезонларни — сизга бу дунё таклиф қилаётган нарсаларга қарама-қарши мезонларни очади. Агар сиз бу ўзгача ҳаёт тарзининг маъносини тушунмасангиз, бу йўлдан боришингиз қийин бўлади. Чунки сизнинг янги ҳаётингиз бу дунё ўқлари учун нишон бўлади. СИЁСИЙ НУҚТАИ НАЗАР Яҳудийлар Масиҳни кутишарди, аммо уни сиёсий арбоб деб тасаввур қилишар эди. Улар Исони Қуддусга оқ отнинг устида кириб келаётганини кўришга умид қилишарди. Масиҳ римликларни ер юзидан ҳали ҳеч ким кўрмаган бўрон орқали супуриб ташлашини улар умид қилишарди. Яҳудийлар Масиҳнинг келишидан ҳақиқий инқилобий бўрон юз беришини кутишарди. Исо эндигина Ўз хизматига киришганда, яҳудийлар Уни Жалиланинг шоҳи қилиб қўймоқчи бўлишди. Чунки халқ роҳат-фароғатда яшайдиган давлат ҳақида орзу қиларди. Исо минглаб очларнинг қорнини тўйдирди. Кейинги куни эрталаб бепул нонушта учун янада каттароқ оломон келди. Одамлар, бу Киши бизни доимо боқади, У абадий роҳат келтиради, деган қарорга келдилар. Яҳудийлар ер юзида сиёсий барқарор шоҳликнинг ўрнатилишини кутишарди. Аммо Исо уларга бундай нарса бера олмади. Улар уюштирган ҳақоратли ҳукм пайтида У Пилатга шундай дейди: «…Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас…» (Юҳ. 18:36). Исо ҳеч қачон сиёсат билан қизиқмаган. Жамият тузилишининг ўзгариши бирон кимсанинг ички дунёси ўзгаришидан камроқ қизиқтирган. Бу ҳақда У Ўзининг биринчи ваъзида айтган. Унинг диққати бошқарувга ёки эгалик қилишга эмас, турмушга қаратилган эди. Уни одамларнинг нима қилишлари эмас, балки уларнинг қандай эканликлари ташвишга соларди, зеро, иккинчиси биринчисини белгилайди. Тоғдаги ваъзнинг юксак мақсади бошқарув ва шоҳликлар ҳақидаги инсоний тасаввурлардан тубдан фарқ қилади. Бунинг устига Масиҳ Шоҳлигининг энг машҳур ва улуғланган одамлари дунё кўз ўнгида арзимасдир. Биласизми, ўша пайтнинг энг буюк одами ким бўлган? Дунёнинг кўз ўнгида у саҳрода яшайдиган, оддий ашаддий диндор бўлган, холос. У ҳатто ўша пайтда мавжуд бўлган диний тизимларнинг ҳам биронтасига мансуб эмас эди. Бироқ Исо Яҳё пайғамбарни дунёда яшаб ўтганларнинг энг буюги деб атаган (қаранг: Мат. 11:11). Шунга қарамай, У қуйидагиларни айтди: «Аммо ундан ҳам каттароқ одам бор. Унинг кимлигини билмоқчимисиз? Менинг Шоҳлигимда ҳатто энг кичик ҳисобланган ҳам ундан каттадир». Исо «кичиклар» кимлар эканлигига изоҳ беради: улар руҳан қашшоқлар, йиғлаётганлар, мўминлар, ҳақиқатга зорлар ва иштиёқмандлар, ички бўшлиқни ҳис қилувчилар, мурувватлилар ва юраги поклар, тинчликка интилувчилар, таъқиб қилинаётганлар, ҳайдалганлар ва ноҳақ ғийбат қилинаётганлар. Бу энг иши юришмайдиганларнинг йиғинига ўхшамайдими? Бу дунё мезонларига кўра худди шундай. Дунё шундай ишонтиради: ўз мақсадингизга эришинг, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилинг, бошқаларни оёғидан чалинг, мағрур бўлинг. Аммо Масиҳнинг Шоҳлиги умуман бошқача. У мўминликни, таъқиб қилувчиларга итоаткорликни маъқуллайди. Ҳар қандай ўч олишни У инкор қилади, ким итоаткор бўлса, ўшани дуо қилади. Демак, сиёсий нуқтаи назардан бу ваъз умидларни парчалашдан бошқа ҳеч нарса келтирмади. Яҳудийларнинг Масиҳ гапириши керак бўлган тасаввурларига мутлақо зид эди. Масиҳда сиёсатчининг ҳеч қандай хусусияти йўқ эди. ДИНИЙ НУҚТАИ НАЗАР Исо динга эътиқодли одамларнинг, яъни маросимлар тарафдорининг бутун бир жамиятига қарши турди. Яҳудий динининг эътиқод тизими ўз ичига тўртта асосий гуруҳни олади: фарзийлар, саддуқийлар, ессейлар ва зилотлар. Уларнинг ҳар бирига қисқача таъриф берамиз. • Фарзийлар бахтни, анъаналарга содиқ қолишда ва қонунга риоя қилишда, деб ҳисоблашган. Улар жон-жаҳди билан ўтмишга ёпишиб олганлар. Уларнинг эътиқодлари бўйича ҳақиқий бахтнинг калити ота-боболарнинг анъаналарига қатъий риоя қилишдадир. • Саддуқийлар эса, бахт — ҳозирги пайтда, замонавийликда, муросасозликда, деб билишган. «Биз шу ерда ва ҳозир яшаяпмиз, — дейишган улар. — Эскирган тушунча ва тасаввурларни биз замонавий меёрларга мос ҳолда қайта кўриб чиқамиз». Улар эътиқодни «Ҳар қандай эскилик йўқолсин!» шиори остида янгича шарт-шароитларга мослаганлар. (Баъзи бир маънода фарзийлар ва саддуқийлар нимададир ҳақ бўлганлар. Ҳақиқий эътиқод ўтмиш билан ҳам алоқани узмаслиги керак, айни пайтда ҳозирда ҳам фаол ҳаракат қилиш керак.) • Ессейлар шундай деганлар: «Йўқ, бахт — бу дунёдан ажралишда». Ёмон гап эмас, тўғрими? Фақат улар географик ажралиш ҳақида гапирганлар. Улар ўз яшаётган шаҳарларини тарк этиб, саҳрога чиқиб кетганлар. • Зилотлар бахтни сиёсий тўнтарилишдан ахтарганлар. Зилотлар ярамас римликларни янчиб ташлашга ҳаракат қилганлар. Шундай қилиб, фарзийлар ўтмишга қайтиш тарафдорлари бўлганлар. Саддуқийлар олдинга қараб интилишга ишонтирганлар. Ессейлар дунёни тарк этишни тарғиб қилганлар. Зилотлар эса қўлга қурол олишга чорлаганлар. Фарзийлар соғинчдан азоб чекканлар. Саддуқийлар модернизм (империализм даври буржуа санъати ва адабиётида реализмга зид бўлган йўналишларнинг умумий номи — изоҳ тарж.) тарафдорлари бўлганлар. Ессейлар ёлғизликни қўмсаганлар. Зилотлар эса фаол жамоат арбоблари бўлганлар. Қандай тартибсизлик! Худди ҳозирги кундагидай. Исо бўлса бундай деган: «Сизлар ҳаммангиз хато қиляпсизлар. Ҳаммангиз». Фарзийларга У: «Дин — бу фақат урф-одатларга риоя қилиш эмас, яъни эътиқоднинг ташқаридан намоён бўлиши эмас», — дейди. Саддуқийларга Исо шундай дейди: «Дин — бу янги ҳаёт шароитларига ўрганиш учун ўйлаб топилган инсоний фалсафа эмас». Ессейларга У: «Ишонинг, дин — бу географик ажралиш эмас», — дейди. Зилотларга У: «Дин — бу жамоат фаолияти эмас», — дейди. Исо шундай демоқчи эди: «Менинг Шоҳлигим инсоннинг қалбида». Унинг дунёга келишининг асосий мақсади мана шунда. Тоғдаги ваъзнинг асоси ҳам мана шундадир. Бу Шоҳлик бизнинг ичимизда, ташимизда эмас. У на урф одатларда, на фалсафада, на муайян бир жойда, на жамоат фаолиятидадир. Бу ерда Исо Ермиё башорат қилган янги аҳд эшикларини ланг очади ва шундай дейди: Худо Ўз қонунларини инсоннинг ички аъзоларига ёзади (қаранг: Ерм. 31:33). Исо қуйидагича хулоса қелади: «…Агар сизнинг солиҳлигингиз уламолар ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар» (Мат. 5:20). Бошқача қилиб айтганда, агар сиз ўз қалбингизга мурожаат қилмасангиз, агар ташқи пўстлоқдан воз кечмасангиз, сизга Менинг Шоҳлигимда жой бўлмайди». Бу сўзлар бугунги кунда ҳам жуда долзарбдир. Биз анъанавий илоҳиётга тўлиқ сандиқ устида ўтириб олиб, ҳузур-ҳаловат топмаймиз. Биз Муқаддас Китоб Худонинг Каломи эмас деб ҳисоблайдиган либераллар назариясидан (аслида бу назария анчагина эскирган) ҳам ҳузур-ҳаловат топмаймиз. Инсон монастирга кетиб, тарки дунё қилади. Лекин шу тақдирда ҳам Худога қараб туриб хотиржамлик топмайди. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилиб, у ёқдан бу ёққа югуришдан ва ўзини жамоат арбоби деб аташдан ҳам у тасалли тополмайди. Исо бунга даъват қилмайди. Аммо шуни тан олиш лозимки, буларнинг бари фойдадан ҳам холи эмас. Ахир, биз жамият ҳаётида иштирок этишимиз яхши-ку. Ўзимизни Худога бағишлашимиз ундан ҳам яхши. Замон билан ҳамнафас юриш ва айни пайтда ўтмишни ҳам унутмаслик мақтовга созовордир. Бироқ бу нарсаларнинг барчаси фақат ташқи кўринишга эга. Худони эса инсоннинг қалбида юз бераётган нарсалар ташвишга солади. Худо бу ҳақиқатни 1Шоҳлар китобида очиб берган. У шундай дейди: «…Раббий бизнинг юрагимизга қарайди» (1 Шоҳ. 16:7). «…Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт манбаидир» (Ҳикм. 4:23). Юракни асраш керак — мана шу энг муҳими. Агар биз қалбимизга ҳам ўз танамизга ғамхўрлик қилганимиздай эътибор берганимизда эди! Одамлар юракни турли касалликлардан ҳимоя қилишга уриниб ақлдан озадилар. Биз майда қадамлар билан югурамиз, велосипед учамиз, тоғларга кўтариламиз ва ҳоказолар. Ҳамма ўзининг жисмоний соғлиги ҳақида қайғуради. Муқаддас Китоб юрагимизни асрашни буюрганда, у бизнинг руҳий моҳиятимиз ҳақида гапиради. Қадимги яҳудий тилида юрак бизнинг Худо ҳақидаги билимларимиз сақланадиган жойни билдиради. Бу ҳақда Исо Масиҳ мана нима дейди: Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю товоқнинг сиртини тозалайсиз-у, аммо ичингиз талончилик ва ёвузликка тўлибтошади! Ҳой бефаҳмлар! Сиртни яратган ични ҳам яратган эмасми? Яхшиси, ўзингизда боридан хайр-садақа беринглар, шунда ҳамма нарса сизлар учун ҳалол бўлади. Лк. 11:39-41 ТОҒДАГИ ВАЪЗНИНГ АҲАМИЯТИ Юқорида айтилганларга асосланиб, Тоғдаги ваъзни ўрганишнинг муҳимлигини тасдиқлайдиган камида бешта қоидани ажратиш мумкин: 1. Тоғдаги ваъз юқоридан туғилиш зарурлигини кўрсатади. Биз ўз кучимизга ишонсак ҳеч қачон Худога ёқмаймиз. Фақат Илоҳий табиатнинг иштирокчиси бўлган одамгина ҳақиқий бахтни англайди. Тоғдаги ваъз бизга қутулишнинг заруриятини кўрсатиш учун Мусо қонунини тўлдиради ва кенгайтиради. Қонуннинг талаблари: уни қил, буни қилма, яъни диққат-эътибор фақат қилмишларга қаратилган. Тоғдаги ваъз инсоннинг ички дунёсига қаратилган ва унга шундай дейди: агар сиз Исо Масиҳда туғилмаган бўлсангиз, бир кун ҳам бахтли бўла олмайсиз. У Худосиз инсонни қандай хавфли вазиятга тушиб қолишини кўрсатади. 2. Тоғдаги ваъз тўғридан-тўғри Исо Масиҳни кўрсатади ва бизга, эҳтимол, Унинг фикрларини тушунишнинг ягона имкониятини беради. У қандай фикр юритади? Буни билишни хоҳлайсизми? Унинг ваъзини ўрганинг. Унинг юраги қаерда ураётганлигини билишни хоҳлайсизми? Унинг ваъзини ўрганинг. У ҳаёт ҳақида, қандай яшаш ҳақида нималар ўйлашини билишни хоҳлайсизми? Унинг ваъзини ўрганинг. 3. Тоғдаги ваъз масиҳийларга бахтга элтувчи ягона йўлни кўрсатади. Агар сиз бахтли бўлишни хоҳласангиз, агар Муқаддас Руҳ билан тўлишни хоҳласангиз қандайдир мистик тажриба орттиришга уринманг. Мистик орзулар кетидан қувманг. Ҳавода ниманидир ушлаб олишга уриниб у жамоатдан бу жамоатга югурманг. Тоғдаги ваъзни ўрганинг ва унга мувофиқ яшанг. 4. Тоғдаги ваъз ибодатга чорлашнинг маълум воситалари ичида энг яхшисидир. Агар биз ҳақиқатдан ҳам Тоғдаги ваъз мезонлари бўйича яшасак, Масиҳ учун бутун дунёни ағдар-тўнтар қиламиз. 5. Ундаги васиятларга риоя қилиш — Худога манзур бўлиш демакдир. Бу олий шараф. Мен ва сизга ўхшаган гуноҳкор одамлар Худога ёқишлари мумкин. Қандай ажойиб янгилик! Шундай қилиб, Тоғдаги ваъзни ўрганиш учун ва ўзимизни бу ишга бағишлаш учун барча асослар бор. Келинг, дастлабки икки оятга диққат-эътиборимизни қаратайлик. ТАЛАЙ ХАЛОЙИҚ Матто Хушхабарининг бешинчи боби қуйидагича бошланади: «Исо талай ҳалойиқни кўриб, У…». Йиғилган одамларнинг кўриниши доимо Исонинг қалбига таъсир қиларди, чунки У одамларни севарди. Кўп жойларда айтилишича, Исо халқ тўдасини кўрганда уларга ачинарди (қаранг: Мат. 9:36; 14:14; 15:32). Бу оломон тўртинчи бобнинг 23–25-оятларида янада батафсилроқ тасвирланган. Унда Исонинг Жалилани айланиб чиққанлиги, мамлакат ибодатхоналарида таълим берганлиги, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилганлиги ва одамлардаги ҳар турли касаллик ва дармонсизликни шифолаб юргани ҳақида айтилади. У ҳақдаги хабар ҳамма ёққа тарқалди. «Жалила ва Ўнкент вилоятидан, Қуддусдан, Яҳудия ҳамда Иорданнинг нариги томонидаги юртлардан келган кўплаб халойиқ Унинг орқасидан эргашиб борди» (Мат. 4:25). Бу одамлар шимолдан ва жанубдан, ғарбдан ва шарқдан келганлар. Уларни кўргач, Исонинг раҳми келиб юраги оғрирди. Агар халқ оч бўлса, У овқат берарди. Агар улар руҳан оч бўлсалар, Исо уларга муҳтож бўлган нарсаларини бериш учун оломоннинг олдига шошиларди. Халқ оломони Масиҳни ҳар томондан ўраб оларди. Бу ерда турлича одамлар бор эди: касаллар, жиннилар, фарзийлар, саддуқийлар, ессейлар, зилотлар, урф-одат тарафдорлари, фоҳишалар, сарсон-саргардонлар, олиму фозиллар. Исо Ўзига ҳам жоҳилларни, ҳам олийжанобларни, ҳам бузуқларни, ҳам бойларни, ҳам гадойларни тортарди. У қандайдир тушунтириб бўлмайдиган, синф ва мазҳабларга бўлинишни тан олмайдиган тортиш кучига эга эди. Унинг ваъзи аввало оломонга эмас, шогирдларига қаратилган эди. Аммо Исо Уни оломон ҳам эшитишини хоҳларди. Бу одамлар Унинг сўзларини тушунмасдилар. Улар бу ҳузур-ҳаловатни ҳис қила олмасдилар. Бироқ улар Исонинг ваъзини эшита олардилар ва бу мумкин эканлигини билардилар. Улар иккинчи даражали тингловчи эдилар. Аммо айнан оломон бу ваъзнинг беихтиёр илҳом париси эди. «…Исо тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. Исо уларга таълим бериш учун оғзини очиб, деди…» (Мат. 5:1-2). БУЮК ВОИЗ У ҳақда: «…Дунёда ҳеч ким бу Одамдай гапирмаган» (Юҳ. 7:46), деб айтилган ўша Воиз ким экан? Шунингдек, У ҳақда шундай дейилган: «…У одамларга уламолар каби эмас, балки қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди» (Мк. 1:22). У ҳеч қайси манбалардан фойдаланмади, аммо хотиржам ва ҳукмдор бўлган одамдай ишонч билан гапирди. Қандай Воиз-а! Унинг ваъзи — бу жамоат нотиқлигининг буюк намунаси эди ва унда учта бўлимни ажратиш керак: 1) Шоҳлик таабалари; 2) Шоҳликнинг тақводорлиги; 3) Шоҳликка кириш учун даъват. Тоғдаги ваъз худди буюк ва гўзал оқим сингари бир мавзудан иккинчисига одамларни ажойиб ўтишлар билан ҳайрон қолдириб оқарди. Унинг таъсири жуда кучли эди: «…халойиқ Унинг таълимотига ҳайрон қолди…» (Мат. 7:28). Буюк воиз мантиқий ва изчил фикрлаш қобилиятига эга эди. У шунингдек, ҳукмронлик ва илоҳий ваколатларга ҳам эга эди. Эски Аҳд пайғамбарларидан бирига Худо шундай дейди: «Сен бу халққа танбеҳ бера олмаслигинг учун, Мен сени гунг қилиб, тилингни танглайингга ёпиштириб қўяман, чунки улар исёнкор халқдир» (Ҳиз. 3:26). Аммо кейинчалик Худо ўша пайғамбарга шундай дейишга имкон берди: «Эгам менга Ўз сўзини аён қилди: «Эй инсон, — деди У, — Исроил халқига шундай деб айт: Мен устингизга қаҳримни ёғдирган куним юртингиз ёмғир томчилари билан ювилмаган, ёмғир сувидан баҳра олмаган саҳро каби бўлади. Чунки юрт раҳнамолари ўкираётган, қурбонини тилка-пора қилаётган шерга ўхшайдилар. Улар бегуноҳ одамларни ўлдириб, бойликлару зийнатларни қўлларига киритдилар. Шу тариқа бева аёлларнинг сонини кўпайтирдилар. Руҳонийлар қонунимни бузиб, муқаддас нарсаларни қадрламадилар. Муқаддас бўлган ва муқаддас бўлмаган нарсаларнинг фарқига бормадилар. Одамларга нима ҳарому нима ҳалол эканини ўргатмадилар, Шаббат кунига риоя қилмадилар, натижада халқим орасида Мени бадном қилдилар» (Ҳиз. 33:22-23). Раббимиз Исо Масиҳ шундай ҳукмронлик ва идрок кучини намоён қилиб, тенги йўқ ваъзни айтди. Бу идрок фақат Худога хос эди. Аммо Унинг оғзи то Парвардигори Олам керак вақтда муҳрини олмагунча, ёпиқ эди. Яна биринчи оятга мурожаат қиламиз. У тоққа чиқди. Юнонча таржимада «тоғ» сўзининг олдида маълум бир артикль турибди (маълум артикль гап қандайдир аниқ ва маълум бир тоғ устида кетаётганига ишора қилади. — Изоҳ тарж.). Бу қандай тоғ? Ҳеч ким аниқ билмайди, чунки тоғнинг номи йўқ. У Генисарет кўли қирғоғига туташадиган оддий тепаликдир. Бу тепалик қуёш нурларида ёритилган яшилроқ рангдаги сувнинг четигача ёйилган. Ҳақиқатдан ҳам ажойиб манзара! Ўнг томондан у Жалила паст текислиги билан ўралган. Чап томондан эса Голан тепаликлари бор. Ундан бир неча миль нарида Иордан водийсидан Ўлик денгизига қараб оқиб ўтувчи Иордан дарёси бошланади. Тепаликларнинг ўнгида ғарбда Сарон водийси бор, ундан сал нарироқда Ўрта ер денгизи. Айни шу ерда, унча катта бўлмаган тепаликда ўтириб, Исо ваъз айтган. Бу оддий қандайдир тоғ эди. Шундай экан, нега энди юнонча таржимада у маълум тоғ бўлиб қолди? Ҳақиқатда ҳам, Исо то Ўз ваъзини шу тоғ устида айтмагунича, бу тоғ ҳеч кимга номаълум бир тоғ саналарди. Матто бу ҳақда ёзганда эса, бу ўша тоғ эди, чунки тоғ Исонинг ташрифи билан илоҳийлашган эди. У ўтирди. Унинг оғзи очилди. Исо уларга таълим бера бошлади. У ўтирди, чунки одатда тафсирчилар таълим бераётганларида шундай қилишарди. Демак, ҳаммаси расмий эди, худди бизнинг вақтимиздагидай. Ҳозир университетда кимдир профессор лавозимига тайинланса, унга «кресло» берилибди деймиз. Биз биламизки, Рим-католик жамоатида Папа ex cathedra гапиради, бу эса «кресло»дан гапиради дегани. Исонинг гапирган сўзлари — бу оддий овоз чиқариб фикр юритиш эмас. Бу Шоҳнинг расмий мурожаатномаси эди. «…У оғзини очиб…» Юнон тилида «оғзини очиш» — бу гап тантанали, жиддий, муҳим, баландпарвоз баёнотлар ҳақида бораётганда фойдаланадиган оғзаки ифодадир. Бу ифода шунингдек, Муқаддас Китобдан ташқари матнда ўзининг дилида яширинган фикрлари ва туйғуларини ўзгалар билан бўлишаётган одамлар ҳақида сўз кетаётганда ишлатилади. БУ АҲДЛАРГА РИОЯ ҚИЛИБ КИМ ЯШАЙ ОЛАДИ? «…Шогирдлари Исонинг олдига келишди». Айнан уларга энг аввало Исонинг ваъзи қаратилган эди. Чунки фақат улар Исо қандай ҳузур-ҳаловат ҳақида гапираётганини тушунардилар. Бутун оломон ичидан шогирдлар Тоғдаги ваъзнинг аҳдларига асосан яшай оладиган ягона одамлар эдилар. Чунки улар Исонинг ҳузурида топиладиган Худо кучининг ягона «иштирокчилари» эдилар. Фақат Исо Масиҳни билганларгина бу амрларга риоя қилиб яшай оладилар. Айтишларича, марҳум архиепископ Макги Тоғдаги ваъзда кўрсатилган амрларга таяниб, инглиз халқини бошқариб бўлмаслигининг сабаби — бу халқ ўз қиролига содиқ эмаслигидир, деган экан. Ҳеч ким ўз Шоҳини билмасдан бу аҳдлар бўйича яшай олмайди. Исонинг шогирдлари Уни билардилар, шунинг учун улар Масиҳнинг биринчи тингловчилари бўлганлар. Бошқа одамларга келсак, бу Исони яқиндан билиш учун таклиф эди, холос. Асосий сабоқ эса 3–12-оятларда берилган. Бахтлидир, бахтлидир, бахтлидир, бахтлидир. Бу ажойиб таълимот! У гапирган нарсалар бизнинг ҳаётимизни тўла ва чуқур ўзгартиришга қодирдир. Ва бугунги кунда биз бунга ишонч ҳосил қиляпмиз. Тоғдаги ваъзни ўрганиб олдингидай қолиш мумкин эмас. Мен учун бунинг иложи йўқ. Ҳузур-ҳаловат амрларида бизга очилган ҳақиқат чуқур маънога эга ва инқилобийдир. Амрлар журъатсиз ёки бепарволар учун эмас. Келинглар, Худо хоҳлагандай одамлар бўлишга ҳаракат қилайлик. Келинглар, шуни унутмайликки, агар биз Раббий Исо Масиҳни билсак, бизда Унинг Шоҳлиги амрларига риоя қилиб яшаш учун ҳамма нарса бисёр. 3-боб. «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир…» (Мат.5:3) «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Бутун бир боб фақат бир оятга бағишланганлиги сизни ҳайрон қолдирмасин. Баъзи бир оятлар ҳаяжонга солувчи ҳақиқатлар билан шунчалар «тўлаки», улар бир бобга тенг ҳажмга изоҳ талаб этади ва шунга лойиқдир. Мағрурлик намоён бўлишини (одам ўзини руҳан қашшоқ деб аташнинг аксини) кўрсатувчи ажойиб далил Д. Мооди номли Муқаддас Китоб институтидан машҳур қавмбоши Доналд Коулнинг баёноти бўлди. У ўз ваъзини шундай ибора билан бошлайди: «Кейинги бир неча дақиқа давомида мен сизга мағрурлик ҳақида бир ажойиб воқеа айтиб бераман». Албатта, ҳақиқий мағрур одам камдан-кам ҳолларда ўзини мағрурман деб ҳисоблайди. Чунки агар у буни тан олганда эди, у ўз ҳаёти Исо Масиҳнинг Тоғдаги ваъзига кириш қисмида баён қилинган таълимотига зид эканлигини дарҳол тушуниб олган бўларди. Исо — асосида янги ҳаёт тарзи, тақводорлик идеали ва фидокорлик намунаси ётган дуо ва бахтни таклиф қилади. Бу — ер юзида айтилган ваъзларнинг энг буюги фидокорлар ва холис одамларга келадиган айнан шундай бахтга бағишлангандир. Мен ишонаманки, у бизнинг барчамизга қаратилган. Жамоат тарихидан шуни биламизки, баъзи масиҳийлар Тоғдаги ваъзни жуда қаттиққўл, деб унга қарши чиққанлар. Масалан, Исонинг: «…осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар» (Мат. 5:48), деган талабини улар бажариб бўлмайдиган деб ҳисоблаганлар. Аммо очиғини айтганда, бу нуқтаи назар ниҳоятда мунозарали масала. Биринчидан, ваъзнинг ўзида у минг йиллик Шоҳликка қандайдир муносабати бор дейилмаган. Иккинчидан, Исо Унинг минг йиллик Шоҳлиги пайтида яшамаган одамларга тарғибот қилган (бу, эҳтимол, барчасидан муҳим сабабдир). Учинчидан, уни бўлажак Шоҳликка бағишлашга ҳеч қандай асос йўқ. Чунки унда айтилишича, ҳақиқат учун таъқиб қилинадиганлар, ҳайдалганлар, ноҳақ ғийбат қилинганлар бахтлидир. Ахир, бундай воқеа тақводорларнинг минг йиллик Шоҳлигида бўлиши мумкинми? Агар биз бу нуқтаи назарни қабул қилсак, Исонинг: «…душманларингизни севинглар, сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар…» (Мат. 5:44), деган сўзлари ўз маъносини йўқотади. Аммо, кўриб турганимиздай Тоғдаги ваъзнинг ҳар бир қоидаси Янги Аҳднинг бошқа жойларида такрорланади. Ва биз бу ваъзда айтилганларнинг барчаси бўлажак минг йиллик Шоҳлигига тааллуқли деб айта оламиз. Тоғдаги ваъз бизга қарата айтилган. Унда тақводор одам қайси асрда яшамасин, унинг кўриниши акс этган. У бизни янги ҳаёт мезонларини қабул қилишга чорлайди. Исо: «Эшитинглар, агар сиз бахтли бўлмоққа интилсангиз, мана шундай яшашингиз керак», — дейди. Ахир, дунё бизни ишонтиришга ҳаракат қилганидай, Худо сизнинг ҳаётингиз байрамини бузмоқчи бўлган қандайдир бутун олам вайсақиси эмас-ку! Худо бизнинг бахтли бўлишимизни хоҳлайди. Худо бизни марҳаматга, ҳузур-ҳаловатга эришишимизни истайди. Ва У бизга шундай тамойилларни очадики, уларга риоя қилсак, биз бахтга эришамиз. Энг аввало, биз муайян ҳаёт тарзини юритишимиз керак. Жуда кам одамлар бундай ҳаёт йўлини танлайди. Жуда кўп ҳозирги замон масиҳийлари Тоғдаги ваъз тамойилларига риоя қилиш қанчалар муҳим эканлигини тушунмайдиганга ўхшайдилар. Биз бу дунёнинг қолипларига биноан шаклланганмиз — худди металл қуймаси каби биз унинг мусиқаси, унинг аҳлоқи, унинг ҳаракатлари, унинг материализми, унинг парҳезлари, унинг спиртли ичимлиги, рақслари, амалий этикаси, модаси, эрмаклари ва бошқа кўп нарсалари билан бир намунада қуйилганмиз. У шундай дейди: агар сиз дунё таклиф қилганидай яшамасангиз, бахтли бўласиз. Ва ҳаммаси руҳий қашшоқликдан бошланади. Мен автомобиль сотиб олар эканман, биринчи қиладиган ишим — илова қилинган қўлланмани ўқиш ва унинг мазмуни билан танишишдан иборат бўлади. Менда буларнинг барчаси ҳақида таянч билимларим бор, аммо мен янада кўпроқ нарса билишим керак. Бу қўлланмани ёзган саноатчи ҳақида мен билишни хоҳлайман, чунки фақат у ўз маҳсулотини ҳаммадан яхши билади. Дунёдаги барча тирик мавжудотларнинг «Ишлаб чиқарувчиси» Худодир. Аммо жуда камдан-кам одамлар Худога ўз ҳаётларини бошқариш учун қўлланма сўраб мурожаат қиладилар. Улар Худодан қандай қилиб бахтга эришиш ҳақида маслаҳат сўрашлари керак: «Сен мени яратдинг, Ўзинг менга ўргат». Исо шундай қилади. Ва ҳозироқ. ЎЗГАРИШЛАР БОТИНИЙ ОЛАМДАН БОШЛАНАДИ Худони инсоннинг ички дунёси ташвишга солади, аммо бу У ташқи нарсаларнинг ҳаммасига бефарқ дегани эмас. Агар ботиний оламда ҳаммаси жойида бўлса, ташида ҳам яхши бўлади. Иш-амалларсиз эътиқод ўликдир. Биз Исо Масиҳда эзгу ишлар учун яратилганмиз. Аммо доимо ташқи кўриниш ботиний оламнинг акси бўлади. Агар бу сизга ғайри оддий туюлса, ҳузур-ҳаловат амрлари муқаддас ғайри оддий нарсалардан ўзга нарса эмаслигини эслаш кифоя. Чунки улар дунёвий фикрлаш тарзига ва дунё қадриятларига зиддир. Маъносини биз «бахт» деб аниқлайдиган ҳузур-ҳаловат сўзи (грекчадан makarios) Муқаддас Ёзувда ўз антонимига эга: бу грекча сўз ouai — қайғу-ғам деб таржима қилинади. Исо: «Мен сизга ҳузур-ҳаловат тилайман» деб айтмаган. У: «Кимки…бўлса, ўша бахтлидир», дейди. Худди шунга ўхшаб: «Кимки… унинг ҳолига вой», деганда, У фақат Ўз истагини билдирмайди — йўқ, У ҳукмни эълон қилади. Бу ҳукмларнинг ҳузур-ҳаловат амрларидаги кетма-кетлигига эътибор қаратамиз. Олдин гап гуноҳга тўғри муносабатни ифодалайдиган руҳий қашшоқлик ҳақида боради ва 4-оятда сўз юритиладиган йиғига ўтади. Сиз ўз гуноҳингизни англаб у учун йиғлаб бўлганингиздан сўнг сизга тасалли келади. Шундан сўнг сиз тақводорликни истаб қоласиз. Қандай ривожланиш, кўряпсизми? У раҳмдилликда (7-оят), покдилликда (8-оят) ва сизни тўлдираётган тинчлик истагида (9-оят) намоён бўлади. Сизнинг ўзгаришингиз натижаси — одамларга мурувватли муносабатда бўлиш, қалбнинг поклиги ва хотиржамлик истаги — сизга ёғиладиган таҳқирлар, туҳматлар ва қувғинлар бўлади. Нега? Чунки сиз янги мавжудотга — ўз гуноҳига аза очиб йиғлаётган руҳан қашшоқ, мўмин, ҳақиқатга зор ва пок қалбли, мурувватли ва тинчликсевар одамга айланаётган вақтингизда сиз ўзингизни ўраб турган дунёнинг жуда жаҳлини чиқаргансиз. Аммо буларнинг барчасидан кейин Исонинг айтишича, сиз хурсанд бўлишингиз ва шодланишингиз мумкин (12-оят), чунки сизга осмон мукофоти буюк. Агар сиз ҳақиқиқатдан ҳам бу босқичларнинг ҳаммасидан ўтган бўлсангиз, 13-оятда айтилган амрларнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилсангиз ҳам бўлади: сиз — ернинг тузисиз. Мана шундай. Сиз — дунёнинг нурисиз ҳам. Агар сиз 3-оятдан бошламасангиз, сиз на туз, на нур бўла олмайсиз. Шунинг учун, келинг, 3-оятга диққатимизни қаратамиз. ШОҲЛИККА ҚАНДАЙ КИРИШ КЕРАК: РУҲИЙ ҚАШШОҚЛИК Нега Раббий энг аввало руҳий қашшоқлик ҳақида гапиради? У янги мезонлар, янги ҳаёт тарзи ҳақида фикр юритади, аммо нега У айнан шундан бошлайди? Нега бахт манбаи шунда? Чунки айнан шу масиҳийнинг энг муҳим фарқли хусусиятидир. Худо Шоҳлигига кираётган ҳар бир одамга қўйиладиган биринчи талаб — у ўзини руҳан қашшоқ деб тан олишидир. Ҳали ҳеч ким Осмон Шоҳлигига мағрурлик отида кириб бормаган. У ёққа элтадиган эшик жуда тор ва паст. Унга фақат бошни пастга эгибгина кириш мумкин. Қанчалар ғайриоддий бўлмасин, аммо доимо чиқиш керак бўлган тоғ, забт этиш керак бўлган чўққи, риоя қилиш керак бўлган талаблар бўлади. Аммо эртами, ё кечми биз ўз олдимизга қўйилган мақсадларга эришишга қодир эмаслигимизни англаймиз. Биз буни қанча эрта англасак, буни биз учун қила оладиган Ўша томон йўлни тезроқ топамиз. Бошқача қилиб айтганда, Исо шундай дейди: «Сиз то ўзингизнинг ички бўшлиғингизни сезмагунингизча, нима биландир тўлдира олмайсиз. То ўзингизни ҳеч нимага арзимаслигингизни, ҳеч ким эмаслигингизни тан олмагунингизча, бирон нимага эриша олмайсиз». Мени ҳозирги замон масиҳийлигида руҳий тушкунлик ғояси жуда заиф ривожланганлиги ҳайрон қолдиради. Мен қандай қилиб шодликка, Руҳга эришиш, у ёки бу нарса билан тўлиши ҳақида китоблар борлигини биламан. Аммо қандай қилиб ўзини руҳий тушкунликка солиш, қандай қилиб ўзингизни ўз «мен»ингиздан халос қилиш ҳақида китоблар қани? Ҳеч ким бўлмасликка қандай эришиш мумкин? ёки Ҳеч нима бўлмаслик-чи? номли китобларни кўз олдингизга келтира оласизми? Нимаси билан бозоргир китоблардан кам? Руҳан қашшоқлик ҳар қандай ҳузур-ҳаловатнинг асосидир. Аммо кўп замонавий масиҳийлар ўз ғурурларини қаноатлантирадилар. Агар сиз масиҳийлик ҳаёти роҳатлари итоаткорликсиз қўлга киритилади деб ҳисобласангиз, унда сиз осонгина мева дарахтсиз етилишини ҳам кутишингиз мумкин. То биз ўз руҳан қашшоқлигимизни ҳис қилмас эканмиз, фароғатга эриша олмаймиз. Агар сиз ўз руҳий қашшоқлигингизни тан олмасангиз, сиз ҳатто масиҳий ҳам бўла олмайсиз. Агар яна сиз ҳузур-ҳаловатнинг биринчи амрига эътибор бермас экансиз, масиҳийлик ҳаёти билан яшаб ҳеч қачон Худодан бошқа ҳадялар олмайсиз. Исо шундай дейди: «Мана шундан бошланг, итоаткорларни бахт кутади». Масиҳ ҳеч қачон мағрур ва такаббур қалблар учун хазина бўлмайди. Агар биз ўзлигимизга қарасак, ҳеч қачон Уни кўра олмаймиз. Токи бизнинг эҳтиёж ва истакларимиз биз учун биринчи ўринда турар экан, Масиҳ бизга Ўз бетакрор гўзаллиги ва мукаммаллиги билан тўла намоён бўлмайди. Биз ўзимизнинг ҳукм қилинганлигимизни кўрмас ва англамас эканмиз, ҳеч қачон Унинг шон-шуҳратини кўра олмаймиз. Бизга ўз қашшоқлигимиз аён бўлмас экан, Унинг бойлиги ҳеч қачон бизга намоён бўлмайди. Аччиқ аламлар ўрнига ширин шодлик келади. Руҳан ўлик бўлиб, биз ҳаёт учун қайта тириламиз. Ҳали ҳеч кимга олдин ўз гуноҳларини англамасдан ва тавба қилмасдан Масиҳ Шоҳлигига кириш насиб қилмаган. Ҳикматлар Китобида айтилишича, барча такаббурлар Эгамизга жирканчдир (Ҳикм. 16:5). Худо роҳатни итоаткорларга беради. Мана нима учун Исо энг аввало руҳий қашшоқлик ҳақида гапиради. Худога келишнинг ягона йўли — ўзининг тақводор эмаслигини, Худо мезонларига мос келишга қобилиятсиз эканлигини тан олишдир. Сиз Худонинг олдига ўзингизнинг қашшоқлигингизни тан олиб умидсизлик билан келасиз, чунки Худонинг марҳаматлари сиз учун қўл етмас жойдадир. Сиз мана шу тушкунлик руҳида бўлишда давом этасиз. У эса сизни бошқа ҳолатга — Масиҳдаги чексиз бахтли ҳаётга олиб келади. Бу қулоққа ғайриоддий эшитилади, аммо бу рост. Ва биз тез орада бунга ишонч ҳосил қиламиз. Ҳақиқатни ҳеч қачон билмаган аҳмоқлар дунёда қанчалар кўп! Ҳатто Худо билан тўғри муносабатларни ўрнатган масиҳийлар ҳам муайян бир одамни улуғлайдиган замонамиз масиҳийлик истакларига қарши тура олмайдилар. Бизнинг жисмимизда биз ҳеч нима билан мақтана олмаймиз. Шунинг учун Масиҳ Ўз ваъзини айнан шундан бошлаган. «Руҳан қашшоқлар» ибораси остида нима назарда тутилган? Исо қандай қашшоқлик ҳақида сўз юритади? Баъзилар бу ерда моддий хусусиятдаги қашшоқлик ҳақида гап кетяпти деб ҳисоблайдилар. Аммо Масиҳ маблағи йўқ одамлар ҳақида гапирганда эди, унда бошқа одамлар учун пулни садақа қилиш бизнинг гуноҳларимизнинг энг оғири бўлар эди! Камбағалларга ёрдам бериш эзгу иш бўлмай қоларди. Оч қолганнинг қорнини тўйғазиш бемаънилик деб ҳисобланган бўларди. Биз муҳтожларга бераётган ҳар қандай ёрдамимизни тўхтатишимизга тўғри келарди. Бунинг устига, пулдор одамлар Худога ёқиш ва Унинг Шоҳлигига кира олишларига етарли даражада камбағал бўлишлари учун уларнинг пулларини тортиб олишга тўғри келарди. Биз бундай вазиятда жуда ёмон миссионерлар бўлардик. Энг ёмони шуки, ҳамма пуллар бизнинг қўлимизга ўтарди ва биз Шоҳликдан қувғин қилинган бўлар эдик! Бу ерда Худо моддий қашшоқлик ҳақида гапирмайди. Довуд ҳеч қачон Худо ташлаб кетган ва нонга зор бўлган солиҳни кўрмаганини айтган (қаранг: Заб. 36:25). Пайғамбар Павлуснинг ҳаётида энг муҳтож бўлган пайтлари бўлса-да, у ҳеч қачон садақа сўрамаган. Раббимиз Исо ҳеч қачон эҳсон сўраб қўл чўзмаган. У ва Унинг шогирдлари ақлсизликда, нодонликда, исёнкорликда айбланганлар, аммо ҳеч ким ҳеч қачон уларни камбағал дайдилар деб атамаган (агар улар камбағал бўлганларида, фарзийлар албатта уларни бунда айблаган бўлардилар). РУҲИЙ ҚАШШОҚЛИК МУТЛАҚО БОТИНИЙ ЧОРАСИЗЛИКДИР Шундай қилиб, қандай қашшоқлик ҳақида гап кетяпти? Масиҳ бунга шундай изоҳ беради: бу руҳий қашшоқликдир. Қашшоқ деб таржима қилинадиган грекча penes сўзи дунё тушунчасида қашшоқликни билдиради, яъни моддий бойликларнинг етишмаслигидир. Бу сўз — инсонийлик кўринишини йўқотган ва чорасизликка тушган қашшоқ ҳақида гап кетаётганда ишлатилади. Бу оддий камбағал одам эмас — бу жуда оғир аҳволдаги қашшоқлашган одам (Муқаддас Китобда оддий қашшоқликни тасвирлаш учун бошқа сўз бор: penes; бундай қашшоқлик ўзига бир бурда нон топиш учун одамни ишлашга мажбур қилади). Penes — бу садақа сўрашга мажбур қиладиган қашшоқлик. Penes — бу ўз-ўзини таъминлаш ва қашшоқлик билан курашиш имконияти, penes эса — бу тўла ожизлик ва яшаш учун ҳар қандай бойликнинг йўқлиги. Бундай ҳолатдаги одам кимгадир суянишга ва кимгадир боғлиқ бўлишга мажбурдир. «Ана шундай одам бахтлидир», — дейди Исо. Бу қанақаси? Яна ғирт бемаънилик, шундай эмасми? Биз бу ерда гап жисмоний қашшоқлик ҳақида эмаслигини аллақачон аниқлаб олдик. Исо руҳий қашшоқлик ҳақида сўз юритади ва аниқроғи ўта қашшоқликни билдирувчи сўздан фойдаланади. Одам қашшоқ, ожиз ва бўм-бўш. У ўз ишлари билан халос бўлишга лойиқ бўла оладими? Уни penes, яъни ўз муҳтожлиги билан кураша олишга қодир ва ўз-ўзини сочидан тортиб ботқоқликдан чиқара оладиган қашшоқ деб бўладими? Йўқ, у penes эмас, у penes. У мутлақо ожиз, кучсиз, Худо марҳаматига тўла қарам. Масиҳ бу ҳақда: «Қашшоқликнинг энг баланд нуқтасига етганлар, титраётганлар, камситилганлар, камбағаллар бахтлидир», — деган. Қандай ғалати фикр. Аммо келинг, давомини кўрайлик. Биз руҳан қашшоқлар ҳақида фикр юритяпмиз. «Руҳан» сўзи — гап тана ҳақида эмас, руҳ ҳақида кетаётганини кўрсатади. Мана шу, холос. Одам ботиний чорасиз, ташқи кўринишидан қашшоқ бўлиши муҳим эмас. Худо шундай дейди: «…Камтар, мўмин, каломим олдида титрайдиганга Мен диққатимни қаратаман» (Ишаё 66:2). Забурда айтилишича: «Солиҳлар фарёд этгач, Худованд эшитар, барча дардларидан уларни халос этар» (Заб. 33:18). Бошқа санода шундай дейилган: «Худога маъқул бўладиган қурбонлик — бузилган кўнгилдир. Бузилган, эзилган кўнгилни Сен хорламассан, эй Худо» (Заб. 50:19). Худо Ўзига ҳар томонлама бекаму-кўстларни, ўзининг қандайдир ишлари билан қутулишга лойиқ бўлишни ўйлаётганларни эмас, руҳий жиҳатдан қашшоқларни чақиради. Аммо руҳий қашшоқлик руҳий ланжлик ва лоқайдликка сира ўхшамайди. У дангасаликни, хотиржамликни ёки сусткашликни билдирмайди — йўқ, руҳий қашшоқлик тўқликнинг тамомила аксидир. Лука баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 18-бобида эзилган руҳ ва мағрур руҳ бир-бирига очиқдан-очиқ қарама-қарши қўйилади. Бу Ўз тақводорлиги билан ғурурланган фарзий ва Худодан мурувват сўраб илтижо қилган сарсону саргардон солиқчи ҳақидаги масалдир. «Ўзининг тақводорлигини пеш қилиб, бошқаларни эса камситиб юрган баъзи одамларга Исо қуйидаги масални айтиб берди…» (Лк. 18:9). Исонинг бу машҳур масали нима билан тугайди? Мана, У итоаткор гуноҳкор — саргардон ҳақида нима деган: «Сизга айтаманки, бу одам боягидан кўра оқланиб уйига қайтибди. Чунки ўзини юқори олган ҳар бир киши пасайтирилади, ўзини паст олган эса юксалтирилади» (Лк. 18:14). Мана, бунинг ҳаммаси қанчалар оддийлиги кўриниб турибди! Кимнинг руҳи ғамгин бўлса, ўша бахтлидир; руҳан қашшоқлар, маънавий қашшоқлар, бурчакка кириб кўзларида ёш билан Худодан мурувват сўраб илтижо қилаётганлар, руҳан синганлар бахтлидир. Фақат уларгина чин маънода бахтлидирлар. Нега? Чунки фақат улар ҳақиқий бахт манбаи олдида тиз чўкадилар; фақат улар Худони биладилар; Осмон Шоҳлиги фақат уларга тегишлидир. У ерда ва ўшанда, бу ерда ва ҳозир. Бу ҳақиқат бизга нафақат Тоғдаги ваъзда очилган. Ёқуб шундай деган: «Раббингиз олдида ўзингизни паст олинглар, У эса сизларни юксалтиради» (Ёқ. 4:10). Бу унга қарши инсон иродаси турадиган қашшоқлик эмас; аммо олдида у чуқур итоат билан бўйин эгадиган қашшоқликдир. Ҳа, бу таълимот замонавий жамоатда ҳеч ҳам қўлланилмайди. Биз машҳур, буюк ва бой масиҳийлар тўғрисида мамнунлик билан сўзлаймиз. Аммо бахт фақат итоаткоргагина берилади. ИТОАТКОРЛАР ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ХУДОГА ЁҚАДИЛАР Ёқуб Худо қуроли бўлишдан аввал ўз руҳий қашшоқлигининг бутун кучини ҳис қилди. У Худо билан тун бўйи курашди, ва ниҳоят Худо унинг сонига жароҳат етказди (қаранг: Ибт. 32). Шундан сўнг Муқаддас Ёзув шундай дейди: «У (Худо) Ёқубни ўша ерда дуо қилди» (Ибт. 32:29). Менга бу парча жуда ёқади. Ишаё то ўзини руҳан қашшоқ кўрмагунча, Худога фойдали бўла олмади. У шоҳ Озийнинг ўлимига аза тутиб йиғлади. Худо мурувват кўрсатиб пайғамбарга зоҳир бўлиб, унга, сен учун ҳақиқатда мана булар муҳим, деб кўрсатганда, Ишаё жуда ғамга ботган эди. Ишаё Худони баланд ва кўкларга кўтарилган тахтда кўрди ва шундай деб хитоб қилди: «Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Мана, кўрдим ўз кўзларим билан Ўша Шоҳни — Сарвари Оламни. Ахир, оғзи нопок бир одамман мен, оғзи нопок халқ орасида яшайман!» (Ишаё 6:5). Худди шу пайтда Худо унга марҳамат қилди. Гидўн: «Эй, Тўрам, қандай қилиб мен Исроил халқини халос қила оламан?! Менинг уруғим Манаше қабиласининг энг заифи бўлса, ўзим эса отам хонадонининг кенжаси бўлсам» (Ҳакам. 6:15), деб ўз ожизлигини англаган. Эгамизнинг фариштаси унга зоҳир бўлиб деди: «Эй, довюрак жангчи, Эгамиз сен билан биргадир» (Ҳакам. 6:12). Ким энг кучли эканлигини сиз биласизми? Ким ўзича ўзи ожиз эканлигини тушунса, ўша кучлидир. Мусо ҳам шундай эди. У ўз ожизлиги ва ёрдамга муҳтожлигини шунчалар умидсизлик ва чуқур оғриқ билан англадики, Худо уни Ўзи танлаган халққа ҳоким қилиб қўйди. «Ҳаммаси пайғамбар айтганидай бўлди. У шоҳга: «Эртага худди шу пайтда Самария дарвозаси олдида ярим тоғора яхши ун бир кумуш тангадан, бир тоғора арпа бир кумуш тангадан сотилади», деган эди» (2 Шоҳ. 7:18). Довуд ҳам худди шундай эди. Табиатан тажовузкор, бўйсунмас ва ўзига бино қўйган Бутрус ҳақида ҳам айни шуларни айтиш мумкин. Аммо у Худога шундай дейди: «Ё Раббий! Менинг олдимдан кетгин, чунки мен гуноҳкор инсонман» (Лк. 5:8). Ҳаворий Павлус ўз жисмининг гуноҳкорлигини тан олган. Ахир, у гуноҳкорларнинг энг биринчиси, шаккок ва тақводорларнинг кушандаси бўлган-ку. Аммо у ўз кўзи олдида қадрини йўқотган ҳамма нарсани кераксиз ахлат сингари ташлаб юборди. Ва ўзининг ҳеч нимага арзимаслигини тан олди. Шундан сўнг унга ожизлиги туфайли буюк куч келди. Дунё: «Ҳаётда ўз ўрнингни топ, ўзинг билан ғурурлан, қуёш остида ўз жойингга эга бўл», дейди. Аммо Худо: агар сен ўзингни ҳеч нимага арзимаслигингни ва ожизлигингни тан олсанг, бу ҳали ҳамма нарса тугади дегани эмас, деб ўргатади. Бу фақат бошланишидир. Ва бу сен қачонлардир қилган ишларингдан энг қийинидир. Исо энг аввало: «Бу менинг қўлимдан келмайди», деб тан олишни таклиф қилади. Ана шунинг ўзи одам руҳий қашшоқлигини англашидир. Матто Хушхабаридаги раҳмсиз банда ҳақидаги масални эсга олайлик (18-боб). Бир қул ўз хўжайинидан жуда катта миқдорда пул қарздор эди ва қарзини ҳеч қачон қайтара олмасди. Исо масални давом эттирди: «Банда эса ерга йиқилиб, подшоҳига таъзиб қилиб: «Подшоҳим, сабр қилинг, мен сизга ҳаммасини тўлайман, — дебди» (Мат. 18:26). Бу қул қуйидаги сўзларни айтмоқчи бўлган: «Ҳой, сен фақат бироз кутгин, менда ҳаммасини тузатиш учун имконим бор». Исо Худога: «Сабр қил, мен ҳаммасини қиламан» дейиш аҳмоқлик эканлигини кўрсатади. Руҳан қашшоқ бўлиш кучсизликни, ҳеч қандай имконларга, ғурурга эга бўлмасликни, кеккайган ва такаббур бўлмасликни билдиради. Бирон нарсага тўлишдан олдин, ички бўшлиқни ҳис қилиш лозим. Шундай яшаш керак, аммо халос бўлиш учун эмас, қашшоқ бўлиш учун. То масиҳийликни қабул қилгунга қадар муқаддас Августин ўз салоҳияти билан шунчалар мағрурланардики, унинг эътироф этишича, такаббурлиги унга тақводор бўлиши учун халақит берарди. Фақат ўз ғуруридан халос бўлгандан сўнггина, у Худони билди. Буюк Мартин Лютер ёшлигида ўта тақводорлик билан халос бўлишга лойиқ бўлиш учун монастирга жўнади. Бир неча йилдан сўнг Худога манзур бўлишга қодир эмаслигини англаб етганда, у ўз «мен»идан воз кечди ва халос бўлиш учун бутунлай Худога суянди. Шундан сўнггина у эътиқод билан халос бўлишни қўлга киритишга эришди. Реформация ана шундай бошланган эди. Ягона ҳаёт манбаи уни мустақил қўлга киритишга ожизлигини тан олганларгагина насиб қилади. Фақат ўз кучига ишониб, мос келмайдиган олий ҳаёт мезони ғояси Синай тоғида Қонунни бериш ҳикоясида намоён бўлади. Худо Ўз Қонунида бутларга сиғинишни, фоҳишалик қилишни, ўғирлик, қотиллик қилишни манъ этади. Аммо Мусо Худодан Қонунни қабул қилиш учун У билан мулоқот қилаётганда, одамлар аллақачон Қонунни бузишган эди. Хорун уларга айш-ишрат қилишга имкон берди. Инсон Худо мезонларига мос келишга қодир эмас. Бу унинг имкониятларидан анча юқоридир. Исроил халқининг қандайдир қисми ўз гуноҳкорлигини тан олди. Улар қурбонликлар келтирдилар, тавба қилдилар ва итоат этдилар. Ва Худо уларни Ўзининг буюк муруввати туфайли кечирди. Аммо ўз кучига ва имкониятларига ишонадиганлар ҳам бор эди. Қурбонлик келтираётганларида улар ўз тақводорликлари билан ғурурланардилар, ҳатто Қонунни ўз имкониятларига бўйсундиришга ҳаракат қилардилар. Аммо уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмасди. Бироқ улар итоаткорлик билан Худо мурувватларини қидириш ўрнига Қонунни инсоний анъаналарига мосламоқчи бўлдилар. Чунки Худо берган Қонунни бажаришдан кўра, анъаналарга риоя қилиш анча осонроқ. Тавротдан келиб чиққан яҳудийлар қонуни, яъни Толмуд — бу Худо Қонунининг «енгиллаштирилган» вариантидир. У одамларга қандайдир ҳузур-ҳаловат бағишлаш учун ўйлаб топилган. Тафсирчилар бизни Худо Қонунини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганликларига ишонтирмоқчи бўладилар, аммо аслида улар талабларни ўзларига «мослаб», уларни камайтирардилар. Исонинг дунёга келиши пайтида улар иккинчи даражали нарсаларга бас келишни жуда яхши ўрганиб олганлар. Аммо Худонинг ҳақиқий Қонунини бузганлар (қаранг: Ишаё 29:13; Мат. 15:9). Худди шу Тоғдаги ваъзга ҳам тааллуқлидир. Унда ҳам биз бажара олмайдиган қонун берилган. Бироқ Муқаддас Руҳ кучига таяниб ва Исо Масиҳга умид қилиб биз бунга интилишимиз мумкин. Биз итоаткорлик ва тавба қилиб бу қонунни бажаришга қодир эмаслигимизни тан олишимиз керак. Исо: «Шундай қилиб, осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар» (Мат. 5:48), деб олий мезонни белгилаб қўйди. У шунингдек яна, агар бизнинг солиҳлигимиз уламолар ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, Осмон Шоҳлигига киролмаслигимизни айтади. Худо қонунининг вазифаси худди Тоғдаги ваъз амрларининг мақсади қаби биттадир: биз уларни мустақил бажара олмаслигимизни бизга кўрсатишдан иборат. Аммо талабларнинг камайиши бу мақсадларга эришишни амалга ошмайдиган қилади. Худо қонунини бажариш учун биз, бир томондан, унинг улуғворлигини, иккинчи томондан, ўз руҳан қашшоқлигимизни ва Худога тўла тобе эканлигимизни тан олишимиз керак. Қайта туғилмаган одамдан бу мезонларга риоя қилиб яшай олишни кутиб бўлмайди. Павлуснинг айтишича, қонуннинг вазифаси Худо олдида барча одамларнинг айбдорликларини очиб бериш, шу тариқа уларни Масиҳга олиб келишдир. Чунки фақат У айбдан халос қила олади. Исо айнан шундай қашшоқлик ҳақида гапирган. ШОҲЛИККА ҲОЗИРНИНГ ЎЗИДАЁҚ КИРИНГ Натижа қандай? Ҳаммаси жуда оддий: «…Уларнинг Осмон Шоҳлиги бор». Бу қандай ажойиб эшитилади, шундай эмасми? Бу тилак эмас. Бу тасдиқдир! Бу фақат уларнинг Шоҳлигидир. Осмон Шоҳлиги ҳозир кимга тегишли? Руҳан қашшоқларга. Феъл ҳозирги замон шаклида берилган. Шоҳлик уларга, менга, бизга, сизга тегишлидир: фақат агар биз унга лойиқ бўлсак. Биз ҳозир минг йиллик Шоҳлик ҳақида фикр юритмаяпмиз. Бизнинг гапираётганларимизнинг бари ҳозирги замонга тааллуқлидир. Минг йиллик Шоҳлик олдинда. У келганда Худо амрлари бутунлай амалга ошади. Аммо Осмон Шоҳлиги бизга бугунги кунда тегишлидир. Масиҳ аллақачон шоҳлик қиляпти. Бахт ҳам бизга ҳозир берилган. Осмон Шоҳлиги — бу Масиҳнинг ҳукмронлигидир. У ўз келажагига, ўз масиҳийлик нуқтаи назарига эга. Аммо унинг ҳозири ҳам бор. Биз — руҳонийлар Шоҳлигимиз. Биз — Исо Масиҳнинг таабаларимиз, биз бугуннинг ўзидаёқ ғолиблармиз. Биз, Эфесликларга Мактубда айтилганидай (2-боб), аллақачон Унинг марҳамати ва мурувватидан ортиғи билан ва умрбод бойлик олиб бўлдик. Шоҳлик, менинг тушунишимча, — бу фаровонлик ва шон-шарафдир. Фаровонлик ҳозир; шон-шараф эса — келажакда. Биз Шоҳлик эгаларимиз. У бизники, чунки Масиҳнинг қонуни бизнинг юрагимиздадир. Бу нима эканлигини сиз биласизми? Бу дегани — биз Унинг таабалари ва У биз ҳақимизда қайғуради деганидир. У бизга керак бўлган ҳамма нарсани беради. У бизнинг юрагимизнинг барча эҳтиёжларини тўлдиради. Мана ўзимизни руҳан қашшоқ деб тан олишнинг натижаси қандай. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ РУҲАН ҚАШШОҚ БЎЛИШ МУМКИН Сиз: «Мен руҳан қашшоқ бўлиш — бу Худо амри эканлигини тушунаман. Аммо мен қандай қилиб руҳан қашшоқ бўлишим мумкин?» — деб сўрарсиз. Бу борада сизга учта тамойилни таклиф қилишга ижозат беринг: биринчидан, бунга мустақил эришишга ҳаракат қилманг. Бундай қилиш монахларнинг тентаклигидир. Монахлар дунёдан кетиб, барча бойликларни сотиб, ридо кийиб ва ўзини монастирнинг тўрт деворига қамаб, қашшоқликка эришса бўлади, деб ҳисоблаганлар. Аммо бу бемаъниликдир. Ўзига ва бошқаларга диққат қилишдан ҳеч нарса чиқмайди, чунки бутун диққат-эътиборни Худога қаратиш лозим. У билан Ёзув саҳифаларида учрашиш учун Унинг Каломини ўқинг. Масиҳга кўз тикинг. Диқкат-эътиборимизни Унга қаратиб, биз У ҳақда ва Унинг Каломи ҳақида ўйлаймиз, шунда ўзимиз ҳақимизда ўйлашни унутамиз. Бу мистик тажриба эмас. Бу Худо билан мулоқотнинг кундалик амалиётидир. Бу биринчи тамойил. Иккинчидан, ўз жисмингизни толиқтиринг. Мен парҳезларни назарда тутганим йўқ — ўз танангиз табиатини жиловлаш ҳақида гапиряпман. Ҳатто баъзи бир ҳозирги замон масиҳийлик хизматлари ҳам инсоний мағрурликдан озиқланадилар. Жисмимиз табиатининг ҳақиқий моҳиятини очиб бера оладиган нарсага интилишимиз керак. Бу мен учун осон эмас. Бундан кўра қуйидагича қувончли сўзларни эшитиш анча осонроқдир: «Раҳмат, сизнинг гапларингиз мен учун дуо бўлди», ёки «Сиз ўқитаётганингизда мен халос бўлдим», ёки «Сизнинг жамоатингизда қандай яхши», ёки «Сиз қандай ажойиб сўзладингиз!» Ҳа, мақтовлар эшитиш менга жуда ёқади. Бунинг устига бу мендан ҳеч қандай ҳақорат талаб қилмайди. Бироқ жамоатдаги ўн йиллик хизматимдан сўнг мен қалбимдаги руҳий ташналикни ҳис қила бошладим. Мен жисмимнинг номукаммаллигини шафқатсиз очиб берадиган бир нарсага муҳтож эдим. Мен ҳатто қандайдир аҳмоқона ишга ҳам тайёр эдим. Чунки бу иш мени Худонинг ҳузурига олиб келишини билардим. Унинг ҳузурида эса мен ўзимнинг ожизлигим ва эҳтиёжимни яққол кўра олардим. Орадан бир қанча вақт ўтгандан сўнг шундай бир воқеа юз берди. Мен ўзим билмаган ҳолатда бир нечта одамни хафа қилиб қўйдим. Менинг биринчи фикрим шу бўлдики, ўзим ҳеч кимга ёмонлик истамаганим учун ўзимни хафа қилинган деб ҳисоблардим. Аммо Худо менинг юрагимда буларнинг бари айни менга керак эканлиги тўғрисида гапира бошлади. Мен ўзимнинг ҳеч нимага арзимаслигимни кўрсатадиган ҳолатларда бўлишим зарур эди. Бундан ташқари, мен қачонлардир нима ҳақда орзу қилган бўлсам ва Худо учун нима қилмоқчи бўлган бўлсам, (чунончи, У бунга муҳтож ҳам эмас) буларнинг ҳаммаси мендан тортиб олиниши мумкин экан. Мана шундай камситилган ҳолатга тушиб, ўзимнинг бутун ожизлигимни, ёрдамга муҳтож эканлигимни англаб, мен бирданига илгари ҳеч қачон сезмаган руҳий бадастирликни ҳис этдим. Илгарилари мени мақтаганларида ва олқишлаганларида бундай туйғуни сира сезмаганман. Менинг жисмим ҳақоратланган эди. Эгилган ғуруримга ҳеч нима малҳам бўла олмасди. Бу ўз-ўзини азоблашдай бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ мен Худога анчадан буён ҳис қилмаган яқинликни англадим. Менда Худога батамом суянишдан ўзга чорам йўқ эди. Чунки мен ўз ҳолатимдан чиқиш учун бошқа барча имкониятлардан маҳрум эдим. Ўзингизнинг Унга тўла тобеълигингизни ҳис қилиш — биз ҳаммамиз жуда муҳтож бўлган туйғу мана шудир. Учинчидан (ва бу жуда оддий), сўранг. Сиз руҳан қашшоқ бўлишни истайсизми? Бу ҳақда сўранг. «Раббий, — дейди дарвиш, — менга мурувватли бўл!» Исо бу одамни уйига оқланиб кетди, дейди. Ўзининг руҳан қашшоқлигини кўрган одам бахтлидир. Чунки фақат угина Шоҳликка эгадир. Нега Исо энг аввало руҳий қашшоқлик ҳақида гапиряпти? Чунки бу энг муҳим нарсадир. Ўзининг руҳий тушкунлигини англаш ва тан олиш натижасида сиз ҳозир ва абадий Шоҳликка эга бўласиз. Қандай қилиб руҳан қашшоқ бўлиш мумкин? Худога боқинг. Жисмингиз билан курашинг. Ва сўранг. Унга бу ёқади. Сиз: «Аммо мен руҳий қашшоқликка эришганимни қандай биламан?» деб сўрашингиз мумкин. Жуда оддий. Қуйида руҳий қашшоқлик ҳолатидаги еттита фарқли белгилар санаб ўтилган: • Сиз ўзингиздан ўзингиз тортиб олинасиз, четлатиласиз (қаранг: Заб. 130:2). Кимнинг руҳи қашшоқ бўлса, худди ўз «мен» ини ҳис қилишдан тўхтагандай бўлади. Сизнинг ҳамма фикрларингиз — Худо ва Унинг шон-шуҳрати ҳақида, бошқа одамлар ва уларнинг эҳтиёжлари ҳақида бўлади. • Сиз Раббийнинг улуғворлигига қараб туриб, Унинг суратига ўхшаб ўзгарасиз (2 Кор. 3:18). Сиз худди Филипп каби гапирасиз: «…Раббий, бизларга Отани кўрсат, у биз учун етарли!» (Юҳ. 14:8). Сиз Довуд билан биргаликда шундай дейсиз: «Мен эса салоҳ ила Сенинг сиймонгни кўргайман, уйғонганим замон Сенинг дийдорингга тўярман» (Заб. 16:15). • Сиз ҳеч қачон ўз ҳаётингиздан нолимайсиз. Нима учун? Чунки сиз ҳатто ўзингизда бор нарсага ҳам лойиқ эмассиз. Шундай эмасми? Сиз Худога нимани таклиф қила оласиз? Бунинг устига, сиз ўз кулфатларингиз қаърига қанчалик чуқурроқ тушсангиз, сизга ҳадя қилинадиган марҳамат ҳам шунчалар мўл бўлади. Сизнинг муҳтожлигингиз қанчалар кучли бўлса, Худо уни шунчалар тўлароқ қониқтиради. Сиз қачон мутлоқ ёрдамга муҳтож бўлсангиз, шунда сиз ҳамма марҳаматни оласиз. Сиз ўз аҳволингизни енгиллатиш йўлини қидирмайсиз, сиз норозилик билдирмайсиз. Чунки сиз бундан яхши нарсага лойиқ эмассиз. Аммо айни пайтда Унинг марҳаматини қўлга киритишга ҳам интиласиз. • Сиз бошқа одамларда фақат фазилатларни, ўзингизда эса камчиликларни кўрасиз. Ҳақиқатдан ҳам ким ўзгаларни ўзидан ортиқ кўрса, у мўмин ва итоаткордир. • Сиз кўп вақтингизни ибодатда ўтказасиз. Нима учун? Чунки қашшоқ доимо сўрайди. У Осмон дарвозасини тақиллатади. Оқ фотиҳа олмагунича кетмайди. • Сиз Масиҳ изидан борасиз ва ўзингизнинг эмас, Унинг шартларига кўнасиз. Гуноҳкор такаббур ўз хурсандчилигини Масиҳ билан бирга баҳам кўрмоқчи бўлади. У Масиҳнинг кетидан бормоқчи ва очкўзлигича қолмоқчи ёки ахлоқсиз қилиқлар қилмоқчи бўлади. Аммо руҳан қашшоқ одам Масиҳ билан бирга бўлмоқ учун барча нарсани беради. Томас Уотсон шундай дейди: «Узоқ вақт қамалда бўлган ва энди таслим бўлишга тайёр турган қаср одамлари ўз ҳаётларини қутқариш учун ҳар қандай шартни қабул қиладилар. Юраги узоқ вақт шайтон уяси бўлган ва Масиҳга қаршилик кўрсатган одам бир куни ўз руҳий қашшоқлигини сезади. Ва шунда тўсатдан ўзини Масиҳсиз жуда мушкул аҳволда кўради. Натижада у ўзини Худога ва Унинг кучига ишониб топшириб, шундай дейди: «Раббий, Сен нима хоҳласанг, мен ҳаммасини бажараман»[4]. • Ва ниҳоят, сиз марҳамати учун Худони шарафлайсиз ва Унга миннатдорчилик билдирасиз. Руҳан қашшоқ одам Худога миннатдорчилик билдиришдан бошқа яна нима қила олади? Миннатдор қалб — мана руҳан камбағалнинг фарқли хусусияти. Ҳамма нарсани, мутлақо ҳамма нарсани сиз Унинг ҳадяси сифатида қабул қиласиз. Биз яхши кўрган ҳаворий Павлус шундай дейди: «Мен Раббимиз Исо Масиҳдан ҳаддан зиёд лутфу карам, имон ва муҳаббат топдим» (1 Тим. 1:14). Биз бу талабларга жавоб бера оламизми? Бизнинг ҳаётимиз шундайми? Агар биз ўзимизнинг бу олий мезонларга умуман мос келмаслигимизни кўрсак, демак, биз ҳақиқий бахтга элтадиган тўғри йўлдамиз. «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир». 4-боб. «Йиғлаётганлар бахтлидир…» (Мат.5:4) Довуднинг энг буюк қўшиқларидан бири — 54-санода бу дунёнинг жабр-ситамларидан азоб чекаётган юракнинг чуқур қайғу-дардлари очиб берилади. Довуд шундай деб хитоб қилади: «Кошки кабутарнинг қаноти менда бўлса эди, учар ва роҳат ҳам топар эдим, дедим. Ҳа, узоқларга учиб кетиб, чўл-биёбонда қўнолға топар эдим» (Заб. 54:7-8). Довуднинг ноласида ҳамма даврлар эркакларининг ва аёлларининг фарёдлари эшитилади. Уларнинг юраклари кўнгил қолишлар ва адолатсизликларга дуч келиб, ғам-алам қаърига ботган. Одамларнинг қанотларга эга бўлиб ана шу чидаб бўлмас оғриқлардан узоқ-узоқларга учиб кетиш истакларини тушунса бўлади. Оғриқлар ва азоб-уқубатлар қанчалар чуқур бўлса, бу етиб бўлмас ўша хотиржамлик ва таскин берувчи жойлар шунчалар азиз ва ардоқли бўлади. «Йиғлаётганлар бахтлидир, чунки улар тасалли топур» деган бу оят мантиққа зид эмасми? «Қайғу-ғам чекаётганлар бахтлидир» деган фикр бизнинг ҳаёт ҳақида билганларимизга мутлақо зиддир. Ҳаётимиз мазмуни ҳузур-ҳаловатлар ва ўткир туйғулар кетидан аҳмоқона қувишдан иборатдир. Биз фақат янги эрмаклар топиш мақсадида вақтимизни, пулимизни ва кучимизни сарфлаймиз. Буларнинг ҳаммасида дунёнинг ғамдан, қайғудан ўзини олиб қочиши ва оғриқдан яширинишга интилиши ўз аксини топади. Аммо Исо шундай дейди: «Ғам чекаётганлар бахтлидир. Фақат улар тасалли топадилар». Ҳаётга янгича ёндашувни таклиф қилиб, У бу дунёнинг кулгусини ва фаровонлигини қоралайди. У, бахт, роҳат, шодлик ва хотиржамлик ғам чекаётганларга тегишли, дейди. Булар нимани билдиради? Қайғуни билдириш учун фақат грек тилининг ўзида тўққизта турли хил феълларнинг мавжудлиги (уларнинг ҳаммаси Муқаддас Ёзувда бор) қайғу-ғам турмушимизнинг бир қисми эканлигидан далолат беради. Бутун инсоният тарихи — бахтсизликлар ва ғамларнинг узлуксиз занжиридир. Аммо биз Матто Хушхабарининг 24-бобига кўра буни ҳали тўлалигича бошдан кечирмадик. Бу бобда Исо қуйидаги сўзларни айтади: …Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: «Мен Масиҳ бўламан», — деб кўпларни йўлдан оздиради. Шунингдек, йироқ-яқиндан уруш хабарларини эшитасизлар. Аммо чўчиб ваҳимага тушмангиз! Ҳамма нарса Худо тақдир этганидек содир бўлиши лозим. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмасдир. Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчиликлар, ўлатлар, зилзилалар бўлади. Матто 24:4-7 Исо вақтнинг охири ҳақида гапиради ва кейин қўшимча қилади: «Буларнинг бари эса бамисли тўлғоқнинг бошидир» (8-оят; курсив меники. — Дж. М.). «ТЎҒРИ» ҚАЙҒУ Муқаддас Китоб қайғу ва йиғининг икки тури ҳақида сўз юритади. Биринчи тури — бу ҳаммага таниш қайғу, ҳаёт қайғуси. Агар шундай дейиш мумкин бўлса «тўғри» қайғу. Бу бўлиши мумкин бўлган меъёрдаги қайғу, кўз ёшлар — бу ҳаётнинг бир қисми. Йиғлай олиш қобилияти Худо берган истеъдод эканлигини сиз биласизми? Ахир, ўзимизда сақланиб турадиган оғриқ, хавотир ва қўрқувларнинг кўз ёшлар орқали чиқиб кетишига имкон бермасак, бизнинг бутун асаб тизимимизни издан чиқариши мумкин. Йиғлаш инсон учун табиий хол. Иброҳим хотини қазо қилганда йиғлаган. Забурнинг 41-саносида Худони қўмсаётган қалбнинг нолаларини эшитамиз: «Худога, кучли, барҳаёт Тангрига жоним ташна. Қачон келиб Худонинг ҳузурига кўринар эканман? «Сенинг Худойинг қаерда?» деб мендан кун бўйи сўрашмоқда, кеча-кундуз кўз ёшим менга озиқ бўлмоқда» (Заб. 41:3-4). Худони излаётган қалбнинг қайғуси Забур куйловчининг ёноқларидан оқиб тушаётган кўз ёшларида намоён бўларди. Ёлғизлик — йиғлаш учун жиддий сабабдир. Павлус Тимотийга шундай деб ёзади: «Мен ота-боболарим каби Худога соф виждон билан хизмат қиламан. Унга кечаю кундуз шукрлар айтар эканман, ибодатларимда доим сени эслаб тураман. Сенинг кўз ёшларинг ёдимда, яна дийдорингга тўйиб кўнглим севинчга тўлсин, деб сени соғиниб қолдим… (2 Тим. 1:3-4). Тимотий умидсизликдан ва ўзи дучор бўлган муваффақиятсизликлардан йиғлайди. Худо томонидан Исроилга яқинлашиб келаётган ҳукм куни ҳақида ваъз айтиш учун чақирилган пайғамбар Ермиё кўзларида ёш билан шундай дейди: «Кошки эди бошим бир булоқ, кўзларим ёшлар чашмаси бўлса! Бечора халқимнинг ҳалокати учун кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!» Ерм. 9:1 Ҳаворийларнинг Фаолияти Китобида ҳаворий Павлус Эфес маҳаллий имонлилар жамоатининг оқсоқолларига шундай дейди: «Шунинг учун ҳушёр бўлиб туринглар. Мен сизга қай тариқа уч йил кечаю кундуз, кўзларимнинг ёши билан ҳар бирингизга ҳормай-толмай панду насиҳат бериб юрганимни хотирланглар» (Ҳав. 20:31). Забур куйловчи ёлғизликдан кўз ёши тўккан, Тимотий ҳаётдан кўнгли совиб йиғлайди, Павлус ачиниш билан кўз ёшларини тўкади. Ота жин урган ўғлини Исонинг олдига олиб келганда, унинг кўз ёшлари юзларини юварди. Масиҳ унга шундай деди: «Қўлимдан келсами? Тўғриси, сен бир оз бўлса-да ҳам ишона олсанг эди..! Эътиқодли киши ҳамма имконга эга бўлади» (Мк. 9:23). Шу он боланинг отаси кўз ёши билан ҳайқириб деди: «…Эътиқод қиламан, Раббий! Эътиқодсизлигимдан қутқаргин!» (Мк. 9:24). Бу отанинг ўғилга бўлган оташин севгисининг кўз ёшлари эди. Лука Хушхабарининг 7-бобида бир аёл ҳақида ҳикоя қилинади. У ўз кўз ёшлари билан Исонинг оёқларини ювган ва уларни сочлари билан артган. Бу — муҳаббат, садоқат ва таърифга сиғмайдиган миннатдорчилик кўз ёшлари эди. Севги одамларни йиғлашга мажбур қилади. Раббимиз Лазарнинг қабри ёнида йиғлаган, чунки уни севарди. У Қуддус учун йиғлаган, чунки унинг халқини яхши кўрарди. Магдалалик Марям йиғларди, чунки Исо ҳалок бўлган эди. Унинг кўз ёшлари тиклаб бўлмайдиган йўқотишдан пайдо бўлган қайғу кўз ёшлари эди. Бу Худо томондан унинг юрагидаги даҳшатли оғриқларни енгиллатиш учун берилган кўз ёшлар эди. «НОТЎҒРИ» ҚАЙҒУ Қайғунинг бошқа тури ҳам мавжуд. Бу «нотўғри», йўл қўйилмайдиган қайғу. Бунда инсон ўз истакларини қондира олмагани учун қайғу-ғам чекади. 2 Шоҳлар китобининг 13-бобида Амноннинг то касал бўлганига қадар қандай йиғлагани ва қайғу чеккани ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг қайғусига сабаб — у ўз синглиси Тамарга бўлган эҳтиросдан ўт бўлиб ёнган. Навалнинг узумзорини қўлга киритишни қаттиқ истаган Ахаб ана шундай йиғлаган. 3 Шоҳлар китобида шундай дейилган: «…у ўз ўрнига ётди, юзини тескари қилиб нон ҳам емасди» (3 Шоҳ. 21:4). Ўз яқинларини ҳаётдан хотиржам кўз юмишга қўймаётган одамларнинг бемаъни, тинимсиз нолалари ҳам «нотўғри» қайғудир. Кўпинча бир одам ўлганда, иккинчиси — унинг севгани, деярли ногиронга айланиб, ҳақиқий асаб бузилишини бошидан кечираётганда бундай воқеа юз беради. Баъзида бу ҳолат ҳатто масиҳийларда ҳам учраб туради. Яқинда менга хотинини йўқотган эркак ҳақида сўзлаб беришди. Хотини бу дунёни тарк этиб, Худо ҳузурига кетгани учун у эсидан айрилишига озгина қолибди. Мен совуққон ва бағритош бўлиб кўринишни хоҳламайман. Аммо бу ҳолат менга худбинлик бўлиб туюлади. Инсоннинг яхши кўрган одами бу дунёни тарк этаётганда қувонмайди. Бу ундаги худбинлик хусусиятини намоён қилади. Умр йўлдошини йўқотиш билан боғлиқ чуқур қайғу-ғам табиий ва шубҳасиздир. Аммо бундай телбаликлар ҳар қандай чегарадан чиқиб кетади. «Нотўғри» қайғунинг яна бир тури — бу айбдорлик туйғуси сабабли ошириб кўрсатилган қайғудир. Бу ҳодисанинг Муқаддас Китоб асосида ажойиб кўриниши 2 Шоҳлар китобида берилган (15–20-боблар). Унда айтилишича, Абусалом ўз отаси Довудни тахтдан ағдаришга ҳаракат қилади. Абусалом мағрур ва худбин эди. У Довудга қарши фитна уюштирди ва шоҳни Қуддусни тарк этишга мажбур қилди. Абусалом шоҳ қасрини эгаллаб олди. У Довуддан батамом халос бўлиш учун ўз олдига тўнтариш қилишни мақсад қилиб қўйган эди. Унинг бахтига қарши лашкарлари мағлубиятга учради, ўзи эса ҳалок бўлди. Довуд ўз жангчиларига шундай буйруқ берган эди: «…менинг ўғлим Абусаломни сақлаб қолинглар» (2 Шоҳ. 18:5). Довуд ўғлининг ўлганлигини эшитиб фарёд солиб йиғлади: «…ўғлим, ўғлим Абусалом! Болагинам, ўғилгинам Абусалом! Эҳ, қанийди жигарбандим Абусалом ўрнига мен ўлсам эди, Абусалом ўғилгинам, менинг ўғилгинам!» (2 Шоҳ. 18:33). Ҳа, Довуднинг муҳаббати мақтовга лойиқ, аммо унинг фикрлари нотўғри. Абусалом Исроил ҳукмдори сифатида кимга керак? Нега Довуд шундай қаттиқ қайғурди? Чунки унинг қалбини ўзи ёмон ота бўлганлигидан айбдорлик туйғуси эзарди. У кўз ёшлари қалбига таскин беришига ва унинг гуноҳларини ювишига умид қиларди. Шубҳасиз, Абусаломнинг ўлими Довуд Бурсабо билан қилган гуноҳи учун қасоснинг бир қисми эди. 2 Шоҳлар китобининг 12-бобидаги ҳикматда Худо Довудга унинг гуноҳи учун тўрт марта жазолашини кўрсатган. «…Раббий гувоҳ! — деди Довуд, — бу ишни қилган одам ўлимга маҳкум; қўзи учун эса у тўрт баробар тўлаши керак…» (2 Шоҳ. 12:5-6). Худо Довудни пайғамбар Натан орқали фош қилди: «…ўша одам — сенсан!» (7-оят) Шоҳ Довуднинг бошига тўрт марта оғир жудолик тушди: Бурсабонинг шоҳдан туғилган тўнғич боласи ўлди; қизи Тамар бадном қилинди; ўғли Амнон ўлдирилди; шунингдек, ўғли Абусалом ҳам ҳалок бўлди. Ўғли Абусаломга Довуднинг қайғуси шунчалар кучли эдики, унинг жангчилари ўз ғалабаларидан уялдилар. Йўаб бўлса шоҳга шундай деди: «…бугун мен бир нарсага амин бўлдим: агарда Абусалом тирик қолиб, биз ҳаммамиз қирилиб кетганимизда, сенга яхшироқ бўларди…» (2 Шоҳ. 19:6). ҲАЁТ ҲАДЯ ҚИЛУВЧИ ХУДО ҚАЙҒУСИ Демак, қайғунинг икки тури борлигини биз билиб олдик: «тўғри» ва «нотўғри». Баъзи одамлар шундай дейишади: «Албатта, умуман олганда, бу амр тўғри, чунки кўз ёшлар инсонга енгиллик келтиради. Азоб-уқубатлар бизни чиниқтиради». Аммо бу ерда Исо бу ҳақда гапирмайди, У Худодан келадиган қайғу ҳақида гапиради. Бу қайғу биз гапириб ўтган инсон қайғуларининг барча турларидан фарқ қилади. Ҳаворий Павлус бизга бу қайғунинг хусусиятини тушунишимизга ёрдам беради: «Азбаройи Худо келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишга имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради» (2 Кор. 7:10). Сиз ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларингиз ҳақида қайғуриб йиғлашингиз мумкин; ёлғизлик ва умидларингиз чил-чил синганидан ғамга ботиб кўз ёшлар тўкишингиз мумкин. Сиз, шунингдек, қониқмаган эҳтиросларингиз ҳақида қайғуришингиз мумкин. Аммо сиз ўзингизни босиб олганингизда, бу дунё ғамларининг ҳеч қайсиси сизни ҳаётга қайтара олмаслигини тушунасиз. Қайғунинг фақат бир туригина сизга ҳаёт ҳадя қилади — сизни тавба қилишга етакловчи Худодан келадиган қайғу. Албатта, бу амрда Исо гуноҳ устидаги йиғи ҳақида гапиради. Бу жуда муҳим хусусият. Худодан келган қайғу тавба қилиш билан чамбарчас боғланган. Тавба қилиш эса гуноҳ билан боғланган. Бундай қайғу ўз гуноҳкорлиги ҳақида афсусланаётган қалбнинг ғамидир. Ҳузур-ҳаловат амрлари ўз руҳий инқирозини тан олишдан бошланади — бу ақл ишига тегишли нарса. 4-оят туйғуларнинг намоён бўлиши билан бевосита боғлиқдир. Сиз ўз руҳий камбағаллигингизни англаган вақтингизда сизнинг туйғуларингиз гапира бошлайди. Шунда сиз ўз қайғули ҳолатингизни ўйлаб кўз ёш тўкасиз. Шоҳликнинг таабалари ана шунақа. Ўзимизни руҳан камбағал деб тан олиб, биз ўзимизнинг ҳеч нимамиз йўқ эканлигини ва қўлимиздан ҳеч нима келмаслигини тан оламиз. Шунингдек, яна ҳеч қандай қобилиятимиз ва ўз-ўзимизга ёрдам бериш учун имкониятимиз ҳам йўқлигини тан оламиз. 3-оятда Раббимиз кимки руҳий жиҳатдан муҳтож бўлса, у мурувват ва марҳамат сўраса, ўша бахтлидир, дейди. Чунки фақат ана шундай одамгина Осмон Шоҳлигига кира олади. Бутун умримиз давомида бизни ўз руҳий қашшоқлигимиз туйғуси тарк этмайди. Агар у сизга нотаниш бўлса, унда сиз масиҳий эмассиз. Мабодо у сизда ҳозир ҳам йўқ бўлса, унда сизнинг масиҳийлик жамоатига тегишли эканлигингиз жуда шубҳалидир. Бу ниҳоятда кескин ва жуда қатъийми? Аммо Муқаддас Китоб руҳий қашшоқликни тан олиш ва у учун қайғуриш, ўзларини масиҳийлар деб атовчи Шоҳлик табааларининг фарқли томонларидир, дейди. Довуд Бурсабо билан даҳшатли гуноҳ қилганини ва унинг эри Уриё ўлганини билгандан сўнг, ўзи ҳам гуноҳкор бўлиб бу дунёга келганини тушунди. Шоҳ нафақат онаси уни гуноҳ ичида туққанини, балки ўзи қашшоқ ва ожиз эканлигини ҳам англади (Заб. 50). У шунчалар чуқур қайғурдики, бу унинг қалбини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Энди Йўабга қайтайлик. Унинг ҳамма нарсаси бор эди. Муқаддас Китобга кўра у шундай бой эдики, унинг остонаси сут билан ювилар экан (қаранг: Аюб 29:6). Мана, у қанчалар бой экан! Унинг ҳамма нарсаси етарли эди! Аммо Йўаб Худо уни йўлга солгандан кейин ва у ўзини ҳеч нима эканлигини тушунгандан сўнггина ҳақиқий инсон бўлди. Бу борада у мана бундай дейди? «Шунинг учун ўзимдан нафратланаман, бошимга тупроғу кул сочиб, тавба қилдим» (Аюб 42:6). Исо бу амрда қўллаган ва йиғлаётганлар деб таржима қилинган сўз жуда кучли. У Муқаддас Ёзувда қайғуни ифодалаш учун хизмат қиладиган тўққизта грекча сўзлар ичида энг таъсирчанидир. Гап ўлганларга аза тутиб йиғлаш ҳақида кетаётганда (яъни қайғудан кийимларни йиртиб, қанорга ўраниш — изоҳ тарж.) шу сўз ишлатилган. Масалан, ўғли Юсуфнинг ўлганлигига ишонган Ёқубнинг қайғуси ҳақида сўз юритиладиган парчада айнан шу сўз қўлланган (қаранг: Ибт. 37:34). Шунингдек, Хушхабарларда ҳам ушбу сўз ишлатилган, хусусан, Марк Хушхабарида Масиҳнинг ўлимидан сўнг Магдалалик Марям Унинг шогирдлари билан мотам тутиб йиғлаётганларидаги парчада бор (қаранг: Мк. 16:10). Бу сўз фақат йиғисиғини ва оҳ-воҳ қилишни эмас, балки чуқур руҳий қайғуни ифодалайди. Забурнинг 31-саносида Довуд шундай дейди: «Мен гуноҳларимни сир сақлаганим сайин, суякларимгача зирқираб, нолиб ўтирдим» (3-оят). Довуд то ўз гуноҳи учун Худо олдида тавба қилмагунча, унинг юрак-бағри қайғудан тилка-пора бўлаверди. «Кечаю кундуз Сенинг қўлинг устимда оғирлашди, ёзнинг саратонидаги мевадек қуриб қолдим, тинка-мадорим бутунлай адо бўлди» (4-оят). Ва яна: «Сенинг олдингда гуноҳимга иқрор бўлдим, яширмадим ҳеч бир айбимни. Ёзиқларимни бўйнимга оламан, — дедим Сенга, эй Худованд. Сен эса гуноҳу айбимни кечирдинг» (5-оят). Забурнинг 50-саносида Довуд гуноҳи ҳақида фикр юритиб шундай деб ялинади: «Эй Худо, менга иноят қилиб, меҳрибонлик кўрсатгин! Чексиз раҳм-шафқатинг туфайли қонунсиз ишимдан кечиб юборгин! Айбимни тамоман ювиб ташла, гуноҳимдан мени тозалагин! Қилмишимни қонунсиз деб тан оламан, қилган гуноҳим кўз ўнгимдадир мудом» (Заб. 50:3-5). Сўнг у давом этади: «Эй Худо, менда пок юракни яратгин, ичимда янги, собит руҳни бунёд этгин. Мени Ўзингдан узоқлаштириб ташлама, Ўз Муқаддас Руҳингни мендан олма. Нажотинг ила мени қайта қувонтиргин, иродали руҳ ила мени мустаҳкамлагин» (Заб. 50:12-14). Довуд гуноҳкорлиги учун шунчалар куйиниб йиғлаётгани сабабли, унинг айби ювилди ва у покланди. Убатамом янгиланди. Гуноҳи ўтилганидан кейин Довуд бахтиёрлигини куйлади: «Қандай бахтли гуноҳи ўтилган, қонунсиз ишлари афв бўлган одам! Қандай саодатли ундай кишиким, Худованд инобатга олмас айбин, кўнглида эса бирон макр йўқ» (Заб. 31:1-2). ЙИҒИ-СИҒИ ВА ОҲ-ВОҲЛАРГА ТАСАЛЛИ КАБИ ХУДОНИНГ ЖАВОБИ Йиғлаётганлар бахтлидир, чунки фақат уларнинг гуноҳларидан ўтилади. Қолган ҳамма одамлар бениҳоят кўп айбларининг юки остида яшашга мажбурдирлар. Келинг, бир саволга аниқлик киритамиз — сиз йиғлаганингиз туфайли бахт келмайди; Худо сизнинг йиғингизга жавобан бахтни сизга ҳадя қилади. Худонинг жавоби қандай? Тасалли. Гуноҳ қилинг ва ўз гуноҳингизни беркитинг, ана шунда сиз унинг фалокатга элтувчи таъсирини кўрасиз. Ўз гуноҳингизни тан олинг ва сиз кечирим билан бирга келадиган халос бўлиш ҳамда қувончни ҳис қиласиз. Довуд ёлғизлик, чорасизлик ва умидсизликдан кўз ёши тўкди. У ўзини таҳқирланган ва енгилган ҳис қилиб йиғлади. У ўз айбини сезиб ва гуноҳини ювишга уриниб йиғлади. Аммо ҳеч нарса унинг юрагини Худо олдида ўз айбини тан олганчалик ларзага солмади. Шундан сўнг Парвардигор Довудга тасалли берди ва забурчи шундай деди: «Қандай бахтли гуноҳи ўтилган, Қонунсиз ишлари афв бўлган одам!» Қайғу чекаётганлар бахтлидир. Дунё бу ҳақда нима дейди? «Кўз ёшларингизни беркитинг, муаммоларингиз ҳақида гапирманг ва доимо жилмайинг, жилмайинг, жилмайинг». Муқаддас Китоб эса: «Йиғланглар ва қайғуринглар!» — дейди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ёқубнинг мактубида шундай дейилган: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Эй ҳардамхаёллар, кўнгилларингизни тўғри қилинглар! Қайғуринглар, мотам тутинглар, нола қилинглар! Кулгингиз йиғига, шодлигингиз мотамга айлансин. Раббингиз олдида ўзингизни паст олинглар, У эса сизларни юксалтиради» (Ёқуб. 4:8-10). Ҳозирги замон жамоати кулишни тўхтатиб, йиғлашни бошлаганчалик ҳеч нимага муҳтож эмас. Масиҳийлик эътиқоди номидан амалга ошириладиган енгилтак ва аҳмоқона ишлар мени жуда қайғуга солади. Ҳали ҳеч қачон Худо Шоҳлигига ўз гуноҳкорлигига аза очиб йиғламайдиган одам кирмаган. Агар бутун ҳаёти давомида одам қалбида яшайдиган гуноҳи ҳақида қайғу чекмаса, у ўзини масиҳий деб ҳисоблай олмайди. Мен бахтли бўла олишим мумкин эди, чунки Парвардигор мени кечирди. Аммо агар гуноҳ қилишда давом этсам, мен шодланиб кула олмайман. Ҳар қандай ҳолда ҳам, мен доимо кула олмайман. Кўп нарсани билганим туфайли ўткинчи, енгилтак шодликка берилолмайман. Худонинг ҳукм қиличи бизнинг устимиздадир. Шундай экан, биз нега шодланиб куламиз? Замонавий жамоатларда гуноҳ тўғрисида нотўғри фикр кенг тарқалганидан мен хавотирдаман. Баъзи одамлар масиҳийлик ҳаёти унча кўп ҳаракат талаб қилмайди деб ўйлашади. Жамоатни эса шодланиш учун сабаб берадиган бир жой сифатида қабул қилишади. Шундай одамлар борки, улар ўзларини жамоат ҳажвчилари ва танқидчилари деб билишади. Улар ўз вақтларини масиҳийлар ва масиҳийлик эътиқоди ҳақида кулгили ҳикоялар ижод қилиш билан ўтказадилар. Масалан, шундай китоблардан бирининг муқовасида қуйидагича сўзлар битилган: «Бу китоб Худо Каломининг жуда кулгили бўлишини исботлайди». Телевизорда даҳшатли воқеаларни кўраётганимизда куламизми? Кимларнингдир жиноятлари ҳақида эшитаётганимизда куламизми? Парвардигорга шак келтирувчиларнинг ҳазилларига биз куламизми? Наҳотки буларнинг ҳаммаси кулгули бўлса? Ҳикматлар Китобида (2:14) айтилишича, баъзи бировлар ёмон ишлардан хурсанд бўлади, ёвузликдан қувонади. Солоникаликларга Иккинчи мактуб (2:12) ҳақиқатга ишонмаган, ноҳақлик қилишдан завқланадиган барча одамлар тегишли жазосини олишидан огоҳлантиради. Биз бундай қилмаслигимиз керак. Мен шодлик ва яхши кайфиятга қарши эмасман. Эски Аҳд, шодлик юракка худди дори каби таъсир қилиши ҳақида аниқ фикр юритади. Аммо биз мувозанатни буздик: биз буни доимо дори сифатида қабул қиламиз! Бундай хулқ ва ҳақиқий йиғи орасида қандай чуқур жарлик бор! Гуноҳга тавба қилишдан олдин, албатта, Масиҳга келиш лозим. Ана шу бахт, ҳузур-ҳаловат йўлидир. Баъзи масиҳийлар ўз ҳаётларини бахт ахтариш билан ўтказадилар. Улар руҳшунос устозлардан ёрдам сўраб мурожаат қиладилар, шу мавзудаги китобларни ўқийдилар. Ҳақиқатда эса уларга фақат ўз гуноҳларига тавба қилиб йиғлаш керак, холос. Худо уларга тасалли беради. Исо эса, улар бахтли бўладилар, яъни бахтга эришадилар дейди. Аммо бу енгилтак ва бемаъни қувонч бўлмайди, балки тўғри, ўзаро муносабатлар келтирадиган чуқур ва мукаммал осойишталикдир. Баъзилар фарзийларга ўхшаб ўз гуноҳларини инкор қиладилар. Улар атрофдагиларни ўзларининг бенуқсон эканликларига ишонтирмоқчи бўладилар. Бошқалар ўзларининг руҳий инқирозларини тан оладилар. Аммо ҳаётларини ўз кучлари билан ўзгартиришга интиладилар ва шундай дейдилар: «Мен бу ишга қўл урсам нима бўпти. Ҳаракат қиламан ва олдингидан яхшироқ бўламан». Бу ахлоқий қайта қуролланишдир. Шундайлар ҳам борки, улар ўзларининг гуноҳкор эканликларини тан оладилар. Аммо бундан шундай умидсизликка тушадиларки, Яҳудо сингари ўз ҳаётларига қасд қиладилар. Сиз ҳақиқатни инкор қилишингиз ва ниқобда юришингиз мумкин. Сиз ҳақиқатни тан олишингиз ва ўзлигингизни ўзгартиришга уринишингиз мумкин. Сиз ҳақиқатни тан олишингиз ва чорасизликка тушишингиз мумкин. Бироқ сиз шунингдек уни тан олишингиз ва Худодан мурувват, марҳамат сўраб мурожаат ҳам қилишингиз мумкин. Адашган ўғил чўчқалар аталасини еб кун кўришга тайёр турганда нима қилди? У: «Менинг ҳамма ишим жойида! Бу ем унчалик ёмон ҳам эмас, еса бўлади!» деб, ҳақиқий аҳволни инкор қилдими, ёки у ўз мағлубиятини тан олдими? У ўз хўжайинига сидқидилдан хизмат қилиб, ҳурматга сазовор бўлиб вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилдими? Йўқ, у тўғри иш қилди: ўз айбини тан олди. Марҳамат ва мурувват топиши мумкин бўлган ота уйига қайтиб келди. Ўғил аччиқ-аччиқ йиғлади ва ўз гуноҳи учун тавба қилди. Шундан сўнг ўғил кечирилди, тасалли топди ва марҳамат топди. Нажот тавба қилиш билан бирга келади. У қайғураётганларга ҳадя қилинади. Буни Худо талаб қилади. Дунёда ўзини масиҳийман деб ҳисоблайдиган одамлар жуда кўп. Аммо улар ҳеч қачон ўз гуноҳлари учун йиғлаб, қайғули юрак билан Масиҳ ҳузурига келмаганлар. Бу эса Шоҳликнинг ягона йўлидир. Янги Аҳдда «қарор қабул қилиш» ёки жамоатга бориб туриш кераклиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган. У фақат бир нарса ҳақида гапиради: агар сизнинг гувоҳлигингиз бўлса, сиз масиҳийсиз. Гап мана шунда. Ҳаворий Павлус аслида бундай деган: «Бордию яна ёнингизга келганимда, кўпчилик бурун қилган гуноҳлари — ҳаром-харишлик, фаҳшбозлик, шалоқликдан тавба қилмаган бўлса, Худойим мени олдингизда ерга урмасин, сизлар учун мотам тутиб йиғламайин» (қаранг: 2 Кор. 12:21). Худо тавба қилишни талаб этади. У биздан ўз гуноҳимизни англашни сўрайди. Мен ўзига ачиниш ҳисси билан тўлиб-тошиш ҳақида эмас, балки ҳақиқий тавба қилиш ҳакида гапиряпман. Агар сиз бунинг фарқини кўрмасангиз, демак, сизнинг тавба қилишингиз ҳақиқий эмас. Римликларга Мактубнинг 7-бобини ўқиган одамлар шу бобда сўз юритилган муаммога Павлус бир марта дуч келган, деб ўйлашади. Бироқ 8-бобда баён қилинган ҳақиқатга мувофиқ яшай бошлаганидан бери, Павлус бундай муаммога бошқа дуч келмаган деган фикрни билдиришади. Бу ундай эмас. Ҳаворий: «…мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан», дейди. Сўнг шундай дейди: «Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади. Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди» (Рим. 7:17-18). «Менда гуноҳ яшаяпти», — деб тан олади Павлус 20-оятда. Кейин у ўз фикрини давом эттиради: «Мен бундан ушбу қоидани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради. Худонинг Қонунидан ички борлиғим завқ олади-ю, аммо аъзойи баданимда бошқа бир қонун иш кўради: бу қонун онгим маъқуллаган Худо Қонунига қарши курашиб туради ва аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қонунига мени асир этади» (Рим. 7:21-23). Тақводорлик ва гуноҳ доимо курашиб боради. «Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?» (Рим. 7:24). Гуноҳ билан кураш олиб бориш ҳаворийнинг ҳаёт тарзи бўлган; бу бир марта юз берган тўқнашув эмас эди. 25-оятда Павлус шундай дейди: «Худога шукр, Раббимиз Исо Масиҳ соясида Ўзи қутқаради!» ва одамлар: «Ҳа, мана гап қаерда экан! Бу ғалаба!» деб ўйлашади. Аммо Павлуснинг ғалаба нимада эканлигини билгани, бу ғалаба унга доимо ва батамом берилди дегани эмас. У гуноҳ билан ҳар куни, то Исо билан юзма-юз учрашмагунча жанг қилди. Юҳаннонинг Биринчи мактубида масиҳийни фарқлаш мумкин бўлган белгилар санаб ўтилган. Шундай қилиб, агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликлардан фориғ қилади (1:9). Ушбу фикрнинг маъноси қуйидагича: агар биз доимо гуноҳларимизни эътироф қилсак, биз кечирим оладиганлар эканлигимизга гувоҳлик берамиз. Яъни, барча кечирилганларни, Шоҳлик табааларини, Худо бандаларини ўз гуноҳларига доимо тавба қилиш ажратиб туради. Шуни айтиш керакки, бизнинг (Мат. 5:4) оятимизда узоқ вақт давом этувчи ҳаракатни билдирадиган ҳозирги замон феъли қўлланилган: доимо йиғлаётганлар доимо бахтлидир. Мартин Лютер ўзининг 95 та тезисида бизнинг бутун ҳаётимиз узлуксиз тавба қилиш ва афсусланиш иши эканлигини тасдиқлайди. Довуд шундай деган: «Ғазабингдан баданимда соғ жой қолмади, гуноҳим туфайли устухонимда роҳат йўқ» (Заб. 37:4). У гуноҳга бутун ҳаётининг давомида дуч келган. Янги Аҳдда биз Исони бир марта ҳам кулаётган ҳолда кўрмаймиз. Албатта, кулиш учун Унда махсус сабаблар бўлмаган. У зориққан, У ғазабланган, У орзуманд бўлган, У йиғлаган. Аммо ҳеч қаерда У кулди дейилмаган. Биз воқеаларга идрок билан қараш қобилиятини йўқотганмиз. Биз ҳузур-ҳаловат, ўйин-кулги, ҳис-туйғулар уммонига ғарқ бўлиб кетганмиз. Биз аҳмоқлар, масхарабозлар, иккиюзламачилар билан тўлиб тошган бу бемаъни дунёнинг нуқсонлари ботқоғига тушиб қолдик. Аммо айтишларича, Исо қайғуларга дуч келган ва касалликларни бошидан кечирган инсон бўлган. Мана гуноҳга аза очиб йиғлаш нима дегани (Исо бошқаларнинг гуноҳи учун кўз ёши тўккан). «Хўш, мени бу йиғи қаерга етаклайди? — деб сўрайсиз сиз. — Мен ғам-ғуссага ботаман, ўз гуноҳларим ҳақида қайғураман. Кейин-чи, кейин нима бўлади?» Мен йиғлаётганлар йиғлаганликлари учун эмас, тасалли топганлари учун бахтлидирлар, деб айтдим. Агар сиз йиғламасангиз, тасалли топмайсиз (ҳа, бу ерда мантиқий урғу қўядиган autoi кучайтирувчи олмоши қўлланган: «Доимо йиғлаётганлар бахтлидир, чунки фақат улар тасалли топур». Фақат йиғлаганларга Худонинг тасаллисини англаш насиб қилади. Фақат ўз гуноҳларига аза очиб йиғлаётганларгина Исо Масиҳнинг меҳрли қўли кўз ёшларини артаётганини сезадилар). «Улар тасалли топадилар». Ким уларга тасалли беради? Paraclatos, бизга Paraclete берувчи, бизнинг Ҳимоячимиз, бизнинг Юпатувчимиз. Муқаддас Китоб бир неча марта Юпатувчи-Худованд ҳақида сўз юритади (қаранг: Заб. 29:6; 49:15; Ишаё 55:6-7; Мих. 7:18-20). У бизга ёрдам беради. У бизнинг чақириғимизни эшитади. У бизга жавоб беради. Юпатувчи, даъват қилувчи, насиҳат берувчи, тасалли берувчи, кучга киритувчи, кечирувчи, шифо берувчи Раббий доимо ёнимизда. Муқаддас Китоб бўйича, тасалли бериш — мана нима дегани. Бу Юпатувчи ким эканлигини сиз билармидингиз? Биринчи Юпатувчи Исо Масиҳ бўлган. Чунки У шундай деган: «Мен Отамга мурожаат қиламан ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади» (Юҳ. 14:16; курсив меники. — Дж. М.). Худойимиз — ҳар қандай тасалли Худоси. Биринчи Юпатувчи Масиҳ бошқасини юборди ва Унинг ишларини давом эттириш учун Муқаддас Руҳ келди. Муқаддас Руҳ бизга тасалли беради, Муқаддас Ёзув ҳам бизга тасалли беради. Биз бўлсак бир-биримизга тасалли берамиз. Тасалли топган вақтимизда, биз ҳақиқий бахтлимиз. Бахт йиғлаётганларга инъом қилинади. Аммо улар йиғлаётганлари учун эмас, балки қайғу уларни осойишталикка олиб келиши учун берилади. Менга Исонинг қуйидаги сўзлари жуда ёқади: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман…» (Мат. 11:28). Агар сиз ўзингизни «қийналган» ҳис қилмасангиз, агар сиз устингизда гуноҳ юкини ҳис қилмасангиз, хотиржамлик ахтармайсиз, тўғрими? Фақат гуноҳ елкангиздан босиб, сизни эгган вақтдагина сиз Ундан хотиржамлик ва енгиллик топиш учун Унинг ҳузурига келасиз. У сизнинг устингиздаги оғир юкни олади ва сизга Ўзининг енгил ташвишларини ва Ўзининг марҳаматли зулмларини беради. Агар сиз ўз устингизга Худо мезонлари ва Масиҳ амрлари юкини олсангиз, Муқаддас Руҳ сизга ёрдам беради. Унинг ёрдамида бу юк ўзингиз ёлғизликда кўтариб бораётган гуноҳ юкидан осон туюлади. Демак, биз гуноҳларимиз ҳақида қайғурган ва уларни эътироф қилган пайтимизда тинчлик ва хотиржамликка эришамиз. Шундан сўнг бизга ҳақиқий шодлик келади. ҚАЙҒУРАЁТГАН РУҲГА ЭГА БЎЛИШИМИЗГА НИМА ХАЛАҚИТ БЕРАДИ «Мен қандай қилиб «йиғлаётган» бўлишим мумкин?» — деб сўрайсиз сиз. Биринчидан, гуноҳингизни англашга халақит берадиган ҳамма нарсадан халос бўлинг. Сизнинг юрагингизни тош қиладиган, Руҳ ҳаракатига тўсқинлик кўрсатишга мажбур қиладиган, сизни шафқатсиз қиладиган ҳамма нарсани бартараф қилинг. Тош юрак йиғлай олмайди. Унда Худонинг марҳамати йўқ. Худонинг омочи бундай ерни ҳайдай олмайди. Сиз: «Нима менинг юрагимни тош қилади?» — деб сўрарсиз. Энг аввало уни гуноҳга муҳаббат тошга айлантиради. Ва қуйида санаб ўтилган бешта омил: 1. Умидсизлик. Умидсизлик нима дейишини сиз биласизми? «Худо бу учун сени кечирмайди!» Умидсизлик Худо кучини камситади ва Масиҳ қонини қадрсизлантиради. У Худо марҳаматини хўрлайди ва Унинг ҳақиқий чеҳрасини бузиб кўрсатади. Пайғамбар Ермиёнинг Китобида шундай дейилган: «Аммо улар, ўзингни бефойда уринтирма, дейишади. Биз бари бир хоҳлаганимиздек яшаймиз, ўжарлик билан ёвуз ниятларимизга етишга ҳаракат қиламиз» (Иер. 18:12). Яъни бошқача қилиб айтганда: «Худо бизга ҳеч нарса қила олмайди, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди». Умидсизлик тили нодонликни мурувватдан, шубҳани марҳаматдан устун қўяди. Қулоқ солинглар: Худо марҳамати сизнинг гуноҳларингиз ва айбдорлигингиз даражаси қандай бўлишидан қатъий назар сизни ўзгартиришга қодир. 2. Ўзини ҳаммадан юқори қўйиш. «Хўш, мен унчалик ёмон эмасман. Агар сиз мени ўзига ачиниб йиғлай бошлайди, деб ўйласангиз, мени билмас экансиз. Аслида менинг ҳамма ишим жойида». Агар Исо Масиҳ сизнинг гуноҳингиз учун хочда ўлишига тўғри келган бўлса, демак, сиз гуноҳкорсиз. Бизнинг ҳар биримиз каби жирканч гуноҳкор. Агар сиз ўзингизни яхшиман деб ўйласангиз, унда сизнинг ишларингиз жуда ёмон. Чунки мағрурлик — гуноҳлар ичида энг оғиридир. 3. Ўзига бино қўйиш. «Биласизми, мен қачонлардир Масиҳни ўз юрагимга таклиф қилдим ва тиз чўкдим, сувда чўмдирилдим. Мен яна нимадан хавотирланишим керак? Мен фақат олдинга интиляпман ва нимани хоҳласам, шуни қиляпман, холос. Менинг ишларим жойида. Мен ўз гуноҳларимни эътироф қилишим керак эмас. Йўқ нарсадан бекордан-бекорга хавотир олмасам ҳам бўлади». Аммо пайғамбар Ишаё шундай дейди: «Бадкирдор йўлидан қайтсин, гуноҳкор ниятидан қайтсин, улар Эгамизга қайтсин, Эгамиз уларни афв этади, улар Худойимизга қайтсин, У кўп марҳаматлидир» (Ишаё 55:7). Агар бадкирдор ўз йўлидан қайтмаса, унда у ўзининг кечирилганлигига ишониши учун асоси йўқ. Ўзингизга ортиқча баҳо берманг. Марҳамат бекордан-бекорга берилмайди. Бунда ҳеч қандай сийловлар, ён босишлар бўлмаслиги керак. 4. Пайсалга солиш. «Ҳа, мен бу муаммо билан яқинда шуғулланмоқчиман. Фақат мен ўз гуноҳларимни яхшилаб тушунишим ва ҳаммасини ўйлаб олишим керак». Аммо Ёқуб бизни огоҳлантиради: «…лекин эртага нима бўлишини билмайсизлар. Ҳаёт ўзи нима? Ҳаётингиз — бирпас кўриниб, кейин парланиб кетадиган буғ каби нарса» (Ёқуб. 4:14). Эртанги кун ҳақида фикр юритишдан олдин, эртанги кун умуман келадими ёки йўқми — шу ҳақда ўйланг. Тентак бўлмайлик. Касалликни даволашни қанча эрта бошласак, шифо шунча тез келади. Тинчлик ва осойишталикка эришамиз, улар билан эса миннатдорчилик қувончи ҳам келади. Пайсалга солманг, ҳеч нарсани эртага қўйманг, бўлмаса Худосиз абадиятга тушиб қоласиз. 5. Енгилтаклик. Баъзи одамлар нарсаларга ҳаққоний баҳо беришни истамайдилар. Улар доимо кулишни ва хурсанд бўлишни хоҳлайдилар. Улар учун ҳаёт — катта базм кечаси. У давом этар экан, ҳақиқатга тик қарашнинг ҳожати йўқ. Ана шундай тақвосиз одамлар ҳақида пайғамбар Амос мана нима деган ва улар устидан қандай ҳукм чиқарган: «Сизлар Довуд каби куйлар басталайсизлар, чангнинг янграган наволарига ашулалар айтасизлар. Қадаҳлаб шароб ичиб, баданларингизга хушбўй ёғларнинг энг аълосидан суртасизлар. Аммо Юсуфнинг кулфати учун сизлар қайғурмайсизлар! Шунинг учун сизлар биринчи бўлиб сургун қилинасиз, ёнбошлаб ўтказган зиёфатларингизга чек қўйилар» (Амос 6:5-7). Бу одамлар қандай аҳмоқ-а! Хурсандчилик учун ҳеч қандай сабаб йўқ вақтда улар куладилар. Қайғуриш ва йиғлаш — мана улар қилишлари лозим бўлган ишлар. Бизнинг дунёмиз турли хилдаги мусиқавий томошалардан том маънода ақлдан озмоқда. Аммо буюк қайғу вақти келганда Худо энг аввало нима қилишини биласизми? У ҳар қандай мусиқани ўчириб қўяди. Ваҳий Китобида (18:22) ҳар қандай мусиқа тўхтайди дейилган. Одамлар ҳақиқатнинг юзига тик қарашларига тўғри келади. Баъзибаъзида радиони ўчиринг. Бу сизга ўз қалбингизда нималар содир бўлаётганини эшитишга ва тушунишга ёрдам беради. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ «ЙИҒЛАЁТГАН» БЎЛИШ МУМКИН «Аммо мен бу тўсиқларни қандай енгиб ўта оламан?» — деб сўрайсиз сиз. Энг асосийси — Хочга қаранг. Масиҳ нима қилганини тушунинг. У сиз учун ўлди. Агар бу сизнинг тош бағрингизни эритмаса, унда нима уни эрита олади? Мободо сиз йўлингизда қандайдир тўсиқлар пайдо бўлаётганини сезсангиз, Хочга қаранг ва сиз Исо Масиҳга қанчалар муҳтож эканлигингиз ҳақида ўйланг. Сизга «йиғлаётган» бўлишга ёрдам берувчи яна бир восита — бу Муқаддас Ёзувдаги гуноҳ мавзусини ўрганиш. Довуд шундай дейди: «Мана, мен йиқилиш арафасидаман, ғам-алам менга доим ҳамроҳ» (Заб. 37:18). «…Шўрим қурсин! Ўлдим энди!… Ахир, оғзи нопок бир одамман мен, оғзи нопок халқ орасида яшайман!» (Ишаё 6:5) — деган Ишаё таълимотининг мағзини чақинг. Ўз гуноҳига аза очган Ермиёнинг гапларини синчиклаб ўрганинг (қаранг: Иер. 9). Ёки ҳаворий Бутруснинг Исога айтганларини ўрганинг: «…Ё Раббий! Менинг олдимдан кетгин, чунки мен гуноҳкор инсонман» (Лк. 5:8). Ўзини гуноҳкорларнинг биринчиси деб атаган ҳаворий Павлуснинг сўзларини уқиб олинг (1 Тим. 1:15). Агар сиз ўзингизни ер юзида яшаган буюк одамлар билан бир қаторга қўйсангиз, агар сиз уларнинг ўзлари ҳақидаги фикрларини мулоҳаза қилиб кўрсангиз, сиз ўзингизни бегуноҳ деб атай олмайсиз. Гуноҳ Худо қонунини топтайди. Гуноҳ Унинг севгисини ерга уради ва Унинг Руҳини ранжитади. Гуноҳ нафрат билан Унинг марҳаматини инкор қилади. Гуноҳ биз билан кескин муносабатда бўлади: у бизни заифлаштиради, у бизга доғ туширади, у бизнинг гўзал кийимбошимизни ечиб олади ва бошимиздаги тожимизни ўғирлайди. У бизни шон-шарафдан маҳрум қилади ва жулдур кийимларда қолдиради. Худо кўринишида яратилиб биз ўлимга маҳкум қилинган ҳайвонларга ўхшаб қоламиз. Раббий сизга эзгу ва итоаткор юрак бериши учун ибодат қилинг. Чунки фақат У сизга шундай юрак ато эта олади. Худо ҳеч қачон чин дилдан сўраганга «йўқ» демайди. «ЙИҒЛАЁТГАНЛАР» — УЛАР ҚАНДАЙ ОДАМЛАР? «Мен йиғлаётган гуноҳкор эканлигимни қандай биламан?» — деб сўрайсиз сиз. Жуда оддий. Сиз гуноҳга қандай муносабатда бўласиз? Унинг устидан куласизми? Ёки уни сезмасликка ҳаракат қиласизми? Ёки ундан ҳузурланасизми? Эҳтимол, сизнинг гуноҳингиз аҳлоқий соҳага тегишлидир, балки сиз виждонсиздирсиз ёки ибодатга вақт ажратмассиз? Эҳтимол, сизнинг фикрларингиз гуноҳлидир, ёки сиз севишни билмассиз? Сиз ўз гуноҳларингиз учун йиғлайсизми? Агар биз ҳақиқий «йиғлаётганлар» бўлсак, биз нафақат ўз гуноҳларимиз ҳақида, балки дунё гуноҳлари ҳақида ҳам қайғурамиз. Сиз бошқа одамларнинг гуноҳлари ҳақида пайғамбар Ермиё ўз халқининг гуноҳлари ҳақида қайғургандай қайғурасизми? У шундай деган: «Агар айтганларимга қулоқ солмасангиз, мен ҳеч кимга билдирмай мағрурлигингиз учун йиғлайман. Аччиқ-аччиқ йиғлаб, кўз ёшлар тўкаман, чунки Эгамизнинг суруви узоқ юртларга ҳайдаб кетилади» (Иер. 13:17). Исо тоғ тепасидан Қуддусга қараб, бу шаҳарга ачиниб йиғлаган: «О, Қуддус, Қуддус! …Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг болаларингни неча бор шундай тўпламоқчи бўлдим, сизлар-чи, истамадингиз!» (Мат. 23:37). Биз ҳам ана шундай кўз ёшлари билан йиғлай оламизми? Худонинг юраги ана шундай азоб чекаётганда бизнинг юрагимиз қайғурадими? Биз Довуд билан бирга фиғон қила оламизми: «Сенинг уйингга бўлган рашким менинг ичимни кемиряпти. Сени таҳқир қилувчиларнинг ҳақорати менинг бошимга тушди» (Заб. 68:10). Ўз гуноҳларимиз ва бу дунёнинг гуноҳларига ачиниб йиғлаймизми? Агар биз ҳақиқий «йиғлаётганлар» бўлсак, унда — ҳа. Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан «йиғлаяпмизми» ёки йўқми — буни билишнинг бошқа усули қуйидагичадир: биз ўзимиздан ўзимиз Худо кечиримини англаяпмизми, деб сўрашимиз керак. Қувонч туйғуси бизга маълумми? Фақат кечирилганлар, покланганлар, тақводорлар эриша оладиган ҳақиқий тинчлик, чин бахт, барҳақ осойишталик бизга танишми? Мен умид қиламанки, сиз менинг азиз китобхоним, ана шундай «йиғлаётганлар» сафидасиз. Чунки Парвардигор сизни чинакамига бахтли кўришни истайди. 5-боб. «Беозор бўлганлар бахтлидир…» (Мат.5:5) «Беозор бўлганлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлур». Бундай фикр Исонинг тингловчиларини хижолатга солмай қўймайди. Чунки бу уларнинг одатдаги тасаввурларига сира тўғри келмас эди. Улар мағрур ва ўзларидан мамнун эдилар. Улар ўзларига ишонган ва бино қўйган эдилар. Улар тақводор бўла оладилар. Улар таълимотни яхши билардилар. Улар урф-одатлар ва анъаналарга қатъий риоя қилар эдилар. Улар ўзларини сараланган деб ҳисоблардилар. Улар ўз кучлари, ўз донишмандликлари, қудратлари ва воситалари билан халос бўла оламиз, деб ўйлардилар. Узоқ кутилган Масиҳ уларни Ўз Шоҳлигига олиб кириб: «Мен сизларни тақводорлигингиз ва руҳонийлигингиз учун мақташга келдим. Худо самодан сизга қараб турибди ва У сиздан жуда мамнун», дейишига улар умид қилардилар. Улар нарсаларга бу янгича қарашни тушунмасдилар, аксинча ўзларининг руҳонийликларига ишонардилар. Исо эса Ўз оғзини очган зоҳоти уларнинг режаларини бузди. Масиҳ улардан қайғули руҳни, қайғураётган юракни ва мана энди — беозорликни қидираётганини айтди. Исони уларнинг на мағрурликлари, на ғурурлари қизиқтирмасди. Бизнинг жамиятимиз ҳам шундай эмасми? Биз ғалаба доимо кучлиларга насиб қилишига ишонамиз. Бўл — бўл! Олдинга интил! Эҳтимол, Исо фикрининг янгилиги бизни Унинг замондошларидан кам хижолатга солмайди. Келинглар, Исо яҳудийлар дунёсига келган ўша пайтнинг тарихий саҳнасига назар соламиз. ИСО ЗАМОНИДАГИ СИЁСИЙ ВА ДИНИЙ ВАЗИЯТ Исо туғилишидан деярли ярим аср илгари, эрамиздан олдинги 63-йилларда Помпей Фаластинни Рим империяси таркибига киритди. Шу билан яҳудийларнинг греклар ҳокимлиги давридаги Маккавейлар қонли қўзғолонида қўлга киритган мустақиллиги тугади. Тез орада яҳудийлар Рим ҳокимлиги қўл остига тушиб қолишди. Эрамиздан олдинги 63-йилдан бошлаб мамлакатни Буюк Ҳирод сулоласидан чиққан шоҳлар бошқаришди. Ҳоқон Фаластинга шоҳларни ўзи тайинларди. Бундан ташқари, ҳоқон у ерга ўз прокураторлари ва ҳукмдорларини тайинлар эди. Улардан энг машҳури Понтий Пилат бўлган. Бу қўғирчоқ шоҳлар, прокураторлар ва ҳукмдорлар ҳукмронлик қилган Римда нафақат яҳудийлар, балки Янги Аҳдда эсга олинган бошқа давлатларнинг ҳам халқлари бор эди. Бу яҳудий халқи учун жуда қайғули давр бўлган. Яҳудийлар римликлар зулмидан шунчалар нафратланардиларки, ҳаттоки унга эътибор беришдан ҳам бош тортардилар. Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: «…Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади» (Юҳ. 8:32). «Биз Иброҳим наслимиз, — деб жавоб берди улар. — Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз…» (Юҳ. 8:33). Исонинг бутун ҳаёт тарихи — яҳудий халқининг устидан Рим ҳукмронлиги тарихий доирасига мос тушарди. Янги Аҳдга ҳоқоннинг сояси тушди ва унинг таъсири ҳар бир саҳифада сезилиб туради. Айни пайтда яҳудийларнинг юракларида келаётган Масиҳга ишонч ва тез орада бўладиган ўзгаришларга умид яшарди. Улар Худо Шоҳлигининг ўрнатилишини кутардилар. Ахир, бу ҳақда Муқаддас Китоб аниқ ва равшан гапирган. Ва мана саҳнада Исо пайдо бўлди. Келинглар, У ҳақда Марк нима деганига қулоқ тутайлик: «Яҳё қамаб қўйилгандан сўнг, Исо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди. «Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга ишонинглар» (Мк. 1:14-15). Яҳудийлар нақадар руҳланиб кетишди! Улар аллақачон Рим ҳукмронлигининг жафоларини ва қуллик зулмини бошларидан кечирган эдилар. Ва мана мўъжизалар яратувчи сеҳргар келди. У ҳали ҳеч бир кимса гапирмаган гапларни айтарди. Эҳтимол, Бу Масиҳнинг Ўзидир! У минглаб одамларнинг қорнини тўйғизганда, одамлар Уни шоҳ қилмоқчи бўлдилар. Улар Исо қўзғолон кўтаришини ва ниҳоят жирканч Рим истибдодини ағдариб ташлашни истардилар. Халқ инқилоб оловини ёқиб, уларга мустақиллик келтирадиган буюк даҳони кутардилар. Шуни унутмангки, иудаизм даврида тўртта ҳукмрон оқим бўлган. Уларнинг вакиллари фарзийлар, саддуқийлар, зилотлар ва ессейлар деб аталган. Фарзийлар диний мутаасиблар эдилар. Саддуқийлар — муросасозлар, ессейлар — мистиклар бўлганлар ва Қумронда яшаганлар. Кейинчалик у ердан — Ўлик денгиз бўйларидан ўрам хатлар топилган. Зилотлар эса фаол тадбирлар тарафдорлари бўлганлар. Уларни диний муаммолардан кўра кўпроқ сиёсий масалалар қизиқтирарди. Уларнинг мақсади ҳарбий давлат қуриш эди. Улар ҳарбий тўнтаришни амалга оширадиган йўлбошчини кутишарди. Фарзийлар ҳам Рим ҳукмронлигидан қутулишни жуда хоҳлардилар. Аммо улар бу муаммонинг ечимини бошқача тасаввур қилардилар. Улар Эски Аҳд теократиясининг (руҳоний қўлида бўлган сиёсий ҳокимият ҳамда шу усулда идора қилинган мамлакат) қайта туғилиши ҳақида орзу қилардилар. Улар Рим зулмини қандайдир ғайриоддий йўл билан ағдариб ташлайдиган мўъжизакор Масиҳни кутардилар. Фарзийлар ҳам, зилотлар ҳам тўсатдан юз берадиган ва вайрон қилувчи Худо ҳужумини кутиб яшардилар. Муқаддас Ёзувлардан улар билардиларки, пайғамбар Даниилнинг Китобига мувофиқ (7:13-14) Масиҳ буюк шуҳрат ичида само булутлари билан бирга келиши керак эди. Аммо улар буни аниқ билмаганликлари сабабли, ҳар бир гуруҳ ўз тасаввурига эрк берарди. Ҳаттоки ўн икки ҳаворий ҳам шундай Масиҳни кутишарди. Улар Ҳаворийларнинг Фаолияти Китобида (1:6) шундай деб сўрайдилар: «Эй Ҳазрат, Сенинг Исроилда Шоҳликни тиклашинг шу вақтга тўғри келмайдими?» Улар бу ажойиб воқеа ёки ҳарбий тўнтариш қачон бўлишини билмоқни истардилар. Аммо Исонинг мақсади бу эмас эди. Пилат на шоҳлиги, на тахти, на тожи йўқ бу шоҳ қандай шоҳ эканлигини билмоқчи бўлганда, Исо унга шундай жавоб берди: «…Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас…» (Юҳ. 18:36). Аслида У Пилатга қуйидаги сўзларни айтган эди: «Менинг қандай шоҳ эканлигимни сен тушунмайсан. Мени ишнинг ҳарбий томони қизиқтирмайди. Мен Рим ҳокимлигини ағдариш учун тўнтариш қилмоқчи эмасман. Менинг мақсадим бу эмас». Агар У хоҳласа, Унинг оёқлари остида фаришталардан бутун бир лашкар йиғилган бўларди (агар битта фаришта 185 000 та оссурияликни ўлдирган бўлса (4 Шоҳ. 19:35), бутун бир армия нимага қодирлигини фақат тасаввур қилиш мумкин). Сиёсий ва диний қайта тикланиш яҳудийларнинг эзгу орзуси эди. Бу орзу уларнинг юракларини шунчалар кучли тўлқинлантирар эдики, улар ўзларига ҳамма ёқдан масиҳларни топардилар. Сохта масиҳлар жуда кўп эди. Зилотлар Масиҳни қўл қовуштириб кута олмасдилар. Шунинг учун улар ёлланган қотиллар ёрдамида қўлларидан келгунча Римга зарар етказдилар. Масалан, бирон одамни ўлдирардилар ёки бошқа террорчилик ишини амалга оширардилар. Аммо буларнинг биронтаси ҳам жазо чораларидан ўзга ҳеч нимага олиб келмасди. БЕҲУДА УМИДЛАР Демак, Худонинг мақсадлари яҳудийлар умидларига ҳеч ҳам мос келмасди. Исо Ўзининг Тоғдаги ваъзини ўқий бошлаганда, уларнинг муносабатларини тасаввур қилса бўлади: «Бу қандай Масиҳ? У Ўз атрофига қандай одамларни йиғмоқчи? Йиғлаётган опа-сингиллар ва беозор биродарлар тўдалари кимга керак? Бундайлар ҳеч қачон Римга бас кела олмайдилар!» Исо тўнтариш қилишга даъват этмасди. Шунинг учун сиёсий арбобларга У ёқмаслиги табиий эди. У Римни қандайдир ғайриоддий йўл билан йўқ қилмоқчи эмасди ва шу сабаб диний мутаассибларга ёқмади. Улар Исони қароқчи Барабба билан биргаликда жиноятчи сифатида ҳибсга олинганини кўрганларида, Исо қиёфасида ўзларини жалб қиладиган ҳеч нима топа олмадилар (қаранг: Ишаё 53). Пилатнинг жангчилари Исони калтаклаб, бошига тиканли тож кийдириб олиб кетишарди. Яҳудийлар шундай дедилар: Буларнинг ҳаммасини унутамиз! Бу бизга керакли бўлган Масиҳ эмас. Улар шундай деб бақиришарди: «Йўқ қил Уни! Йўқ қил Уни!» Одамлар Ундан нафратланардилар, чунки Исо уларнинг умидларини оқлай олмади, ишончларини синдирди. Кейинчалик одамлар: «Бу Масиҳ эди», деганларида, улар қуйидагича жавоб қилишди: «Масиҳ биз учун лаънатланиб, бизни Қонун лаънатидан халос қилди, худди Тавротда ёзилганидек: «Ёғочга осилган ҳар бир киши лаънатидир». Шунинг учун Уни бизнинг Масиҳимиз деб атаманглар» (қаранг: Амр. 21:23 ва Гал. 3:13). Беш юзтадан ортиқ одам Унинг қайта тирилганига гувоҳлик берганларига қарамасдан, дарғазаб яҳудийлар бунга ишонишни истамасдилар. Ҳаворийлар яна ва яна: «Масиҳ азобланиши кераклигини биласизларми? У ўлиши керак эди. Муқаддас Ёзувда шундай дейилган. Шундай бўлиши ҳам керак эди», деб такрорлашга мажбур бўлдилар. Еммаус йўлида Исо шундай деди: «Эй фаросатсизлар! Барча пайғамбар сўзларига ишончи суст одамлар! Масиҳ Ўз улуғворлигига эришмоқ учун шу азобларни бошдан кечирмоғи керакмасмиди?..» (қаранг: Лк. 24:25-27). Аммо кўп яҳудийлар Муқаддас Ёзув билан таниш эмас эдилар. Улар Ишаёнинг (қаранг: Ишаё 40-66) энг муҳим ва энг буюк башоратини билмас эдилар. Унинг бу башоратига кўра, Масиҳ азоб чекаётган қул кўринишида бўлган. Аслида ҳам, одамларга Ўзининг ким эканлигини тушунтираётганда Исо пайғамбар Ишаёнинг Китобидаги 61-бобни айтиб берган. У Ўзини оломоннинг энг охиргисига ўхшатган ва: «Худованднинг Руҳи Менга ёр. У Мени муқаддас мой-ла мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун, дилабгорларга шифо бермоқ учун, асирга: озод бўлгил, басирга: очилсин кўзинг демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиб, марҳамат йўли бўлгай, демоқ-чун, Худованд Мени юборди» (Лк. 4:18-19). Ҳа, бу унчалик хурсанд давра эмас! Ҳаворий Павлус шундай дейди: «Олган даъватингизга қаранглар, эй биродарлар! Сиз кимсизлар? Инсоний нуқтаи назардан доно бўлганингиз кўп эмас, қудратли бўлганингиз кўп эмас, олижаноб бўлганингиз ҳам кўп эмас. Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф дейилганларни танлади» (1 Кор. 1:26-27). Исо қул эди. У Рим ҳукуматини ағдариш учун келмаган. У севишни билмайдиган шогирдларининг оёқларини ювиш учун келган. Ва Унинг бутун ҳаёти беозорлик ва бошқаларга хизмат қилиш намунаси бўлган. У шундай дейди: «Чунки Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган» (Мк. 10:45). Исроилнинг диний раҳнамолари энг асосий нарсаларни қўлдан бой бердилар. Улар Исонинг нима мақсадда келганини билмаганлар. Исо беозор хизматкор қиёфасида келган. У шундай дейди: «Менинг Шоҳлигимга ўзига ишонмайдиганлар, мағрур бўлмаганлар, ғурурланмайдиганлар, кучсизлар, камтарлар ва тақводор бўлмаганлар киради. Унга ўз гуноҳлари ҳақида қайғураётганлар, йиғлаётганлар ва беозорлар, оч қолганлар ва ташналар, мурувватлилар ва олийжаноблар, тинчлик ўрнатувчилар, таҳқирланганлар, туҳматга учраганлар ва ҳеч қачон ўзлари учун ўч олмайдиганлар кирадилар. Менинг Шоҳлигимнинг табаалари ана шундайлардир». Улар ўз қулоқларига ишонмасдилар. Баъзида бу бизни ҳам худди шундай хижолатга қўяди. Чунки бизга Худо фақат кучлиларни ва машҳурларни қабул қиладигандай туюлади. Биз, Унга фақат бойлар, обрўлилар ва машҳурлар керак, деган фикрга борамиз. Аммо бу ундай эмас! Бизнинг Раббимиз келди ва: «Эшитинглар! Сиз Менинг Шоҳлигимга киришни истайсизми? Аммо Шоҳликка фақат руҳан қашшоқлар, йиғлаётганлар ва беозорлар кира оладилар», деб уларнинг энг заиф жойларига зарба берди. КАМТАРЛИК — МУҚАДДАС ХУДО ДАЪВАТИГА ЖАВОБДИР Энди эса келинг, камтарлик ҳақида батафсилроқ суҳбатлашайлик. Камтар «руҳан қашшоқ» дегани билан бир хил эмас. Ёзувнинг баъзи жойларида бу икки тушунча бир-бирлари билан ўзаро алмашина олса-да, мен улар орасидаги жуда нозик бир фарқ ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Руҳан қашшоқ ўз гуноҳкорлигига диққат-эътиборини қаратади, камтар эса — Худонинг муқаддаслигига. Бошқача қилиб айтганда, мен руҳан камбағалман, чунки мен гуноҳкорман. Мен камтарман, чунки мен билан солиштирилганда Худо муқаддас. Ғамгин руҳ доимо салбийдир ва у йиғига ўтади. Беозорлик — ўз моҳияти билан ижобий ва у тақводорликка интилишни пайдо қилади. Шундай кетма-кетликда Тоғдаги ваъзнинг гўзаллик ва мукаммаллиги акс этади. Ҳаммаси қайғураётган руҳдан ва ўз гуноҳкорлигини қатъий сезишдан бошланади. Аммо бу ерда чорасизликка ўрин йўқ. Чунки биз бўлиб ўтаётган ишнинг бошқа томонини кўра бошлаймиз: биз муқаддас Худони таний бошлаймиз, руҳий очликни сеза бошлаймиз ва Унинг муқаддаслигига ташналикни ҳис этамиз. Дунёга ҳаққоний қарайдиган одамлар ўз гуноҳларига тавба қилишга ва Худо даъватига ҳушёрлик билан жавоб беришга ҳам қодирдирлар. Мағрур, ўзига ишонган ва бино қўйган, такаббур ва тавба қилишга сабаблари бўлмаган қайсар одамлар эса бахтсиздирлар. Чунки улар Шоҳлик чегараларидан четда қолиб кетадилар. Буни яшириш жуда қайғулидир. Зилотлар: «Биз жангчи Масиҳни кутяпмиз», — деб бақирганлар. Фарзийлар: «Бизга мўъжизакор Масиҳ керак!» деганлар. Саддуқийлар ўз фикрларида қатъий турганлар. «Бизнинг Масиҳимиз — материалистдир». Ессейлар эса ўз бурчакларидан: «Масиҳ руҳоний (монах) бўлиши керак», деб такрорлайверганлар. Аммо Исо: «Мен сизга камтар Масиҳни бераман», дейди. Ҳаворий Павлуснинг Янги Аҳддаги Мактубларида Масиҳнинг таълимотига бир қанча ўхшаш ҳодисалар берилган. Масалан, Эфесликларга Мактубда у шундай деб ёзади: «Раббимиз учун маҳбус бўлган мен сизларга насиҳат қилиб ўтинаман: Худонинг даъватига муносиб тарзда яшанглар. Бутун камтарлик ва юмшоқлик билан, муҳаббат билан бир-бирингизга сабр-тоқат қилинглар» (Эфес. 4:1-2). Титусга Мактубда эса у ўз тақводор биродарларини ишонтириш учун бундай дейди: «Ҳеч кимни ёмонламасинлар. Урушқоқ бўлмай, барча инсонларга ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар» (Тит. 3:2). Тақводор Колосаликларга эса Павлус қуйидагича насиҳат қилади: «Худо сизларни азизларим деб танлаган, сизлар муқаддассиз. Шунга кўра раҳм-шафқат, кўнгилчанлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр-тоқатни зеб-зийнат қилиб тақинглар» (Кол. 3:12). Худонинг талаблари ҳеч қачон ўзгармаган. Эски Аҳдда, доимо камтарлик керак, деб таъкидланади. Довуд шундай деган: «Бечораҳоллар бўлса тўядилар, Худовандни қидирувчилар Унга санолар ўқисин, дилингизга жон кирсин, то абад!» (Заб. 21:27). Мангу ҳаёт такаббурларга эмас, камтарларга ҳадя қилинади. Довуд яна шундай деган: «Бўйсунганларни тўғри йўлга бошлар, беозорларга Ўзи раҳнамо бўлар» (Заб. 24:9). Забурнинг 146-саносида эса бундай дейилган: «Худованд хокисорларни юқори кўтарар, бетавфиқларни эса ерга урар» (6-оят). Парвардигор доимо камтарларга мурувват кўрсатган. Бундай инсонлар У учун биринчи ўринда турадилар. Улар Худонинг халқидирлар. «Бечораларга Эгам янги қувонч ато этар, муҳтожлар Исроилнинг Муқаддас Худосига ҳамду сано айтар» (Ишаё 29:19). Фақат камтарларга халос бўлиш, таълимот, марҳамат ва шодлик ҳадя қилинади. КАМТАРЛИК ҲАҚИДАГИ БЕШТА САВОЛ ВА УЛАРГА ЖАВОБ Энди камтарлик ҳақидаги бешта энг кўп учрайдиган саволларни кўриб чиқамиз. Биринчидан, аслида камтар бўлиш нима дегани? Агар фақат камтарлар бахтли бўлсалар, унда камтарлик тушунчасининг ўзини аниқлаб олиш керак. У нима бўлганда ҳам, доимо қайғураётган, руҳан қашшоқ ва йиғлаётган юракларни афзал кўради. Камтарлик тушунчасининг луғатларда бериладиган ва ҳамма қабул қилган изоҳи («ювошлик», «мўминлик», «ройишлик», «мардликнинг етишмаслиги») камтарликнинг Муқаддас Китоб тушунчасига сира ҳам ўхшамайди. Муқаддас Китобда қўлланиладиган ва «камтар» деб таржима қилинадиган грекча praos сўзи «юмшоқ, беозор, осойишта» маъносини билдиради. Демак, камтар одам юмшоқ, беозор, хушмуомала, кўнгилчан, сабр-тоқатли ва мўмин бўлади. Praos сўзи тинчлантирувчи дори воситаларини, енгил шабодани, қўлга ўргатилган, минилган отни тасвирлаш учун тез-тез ишлатилган. Кейинчалик у Исога тавсиф бериш учун қўллана бошлади. Коринфликларга Иккинчи Мактубда ва Маттонинг Хушхабарида Масиҳнинг камтарлиги ҳақида гап боради. Масалан, «Сион қизига айтингизким: бир моча эшакка миниб, хўтикка мингашиб камтарона, Сенинг Подшоҳинг келар ёнингга» (Мат. 21:5). Исо шаҳарга оқ отда эмас, балки ҳаракатланишнинг унча нуфузли бўлмаган йўлини танлаб эшакда кириб келган. У камтар эди. Камтарлик — бу хулқнинг юмшоқлиги, раҳмдиллиги ва кўнгилчанглигидир, аммо у заифлик эмас. Бу назорат остидаги куч. Ушбу таърифга эътибор беринг: назорат устидаги куч. Бу Худо олдида ихтиёрий равишда ўз манфаатидан воз кечиш, ўзини ўзи камситиш ва қайғуришнинг оқибатидир. Камтар — бу бўйсундирилган шер. Камтарлик ожизликка сира ҳам ўхшамайди. Шоҳ Сулаймон мана нима дейди: «Ўзини тута олмайдиган одам деворсиз вайрона шаҳар кабидир» (Ҳикм. 25:28). Яъни кучли, аммо ўзини ўзи бошқара олмайдиган одам вайрон бўлган шаҳарга ўхшайди. Бошқа томондан: «Жаҳлини тийган — қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ» (Ҳикм. 16:32). Ўзини бошқара олиш, ўз руҳига эга бўлиш кўникмалари — мана камтарлик нима. Ўзини тута билмаслик камтарлик йўқлигини билдиради. Келинг, камтар сўзини унинг грек тилида қўлланилиши нуқтаи назаридан кўриб чиқайлик. Минилмаган от зиён келтириши мумкин; қўлга ўргатилган от бўлса фақат фойда келтиради. Енгил шабада салқинлик келтиради ва тинчлантиради; довул эса ўлдиради. Камтарлик зўравонлик ва ўч олишга зид бир нарса. Камтар одам ўз мулкининг ўғирланиши ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан қабул қилишга тайёр. Чунки у самоларда, Худо даргоҳида унинг энг яхши, чиримайдиган ва тамом бўлмайдиган мулки борлигини билади (Иброн. 10:34). Камтар ўзи учун ўлади. У ҳеч қачон ўз бахтсизликлари ҳақида хавотирланмайди, ҳеч кимдан ғазабланмайди. Афтидан, Жон Буньян қуйидаги сўзларни айтган: «Энг остига тушган одам йиқилишдан қўрқмайди». Бундай одамнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Камтар одам ҳеч қачон ўзини ҳимоя қилиш учун ташланмайди. Чунки у ўзининг ҳеч нимага лойиқ эмаслигини билади. Ва у ҳеч қачон ўзини ранжитганлардан ғазабланмайди. Камтар ўзининг қонуний ҳаққини олиш учун эшикларни тақиллатмайди. У аллақачон шунчалар руҳан қашшоқлашганки, у ўз гуноҳларининг оқибатлари ҳақида қайғуради, йиғлайди. У Муқаддас Худо олдида итоаткорлик билан туради ва бирон нарсани менинг хизматим демайди. Бу қўрқоқлик, иродасизлик ва бетайинлик эмас. Бу одатдаги инсоний «ёқимтойлик» ҳам эмас. Камтар шундай дейди: «Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди, аммо Худо билан ҳамма нарсани қила оламан». Камтар яна: «Менинг қўриқлайдиган ҳеч нарсам йўқ, чунки мен ўз ҳаётимни Парвардигорга бердим», деб айтади. Бу итоаткорлик билан гуноҳни қабул қилиш эмас. Бу — тийилган ғазаб. Бу муқаддас нафратдир. Мана биз Бутруснинг Биринчи Мактубида нималарни ўқиймиз: «Худо сизларни ана шу мақсадда даъват этган. Масиҳ ҳам: «Менинг изимдан юринглар», деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди. Тавротда У ҳақда ёзилганидек: «У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон эгри сўз ҳам чиқмаган» (1 Бут. 2:21-22). Мана, ҳақиқий камтарлик қаерда! Масиҳ ҳеч қандай гуноҳ иш қилмаган. Шунинг учун Унга қарши қилинган ҳар қандай айбловлар адолатсизликдир. Унга берилган ҳар қандай жазо ноҳақдир. Унинг устидан мазах қилиб гапирилган барча гаплар ёлғондир. Кейинроқ 23-оятда бундай дейилган: «Масиҳ ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармас эди, азоб чекканда эса ҳеч кимга таҳдид қилмас эди. Фақат одилона ҳукмловчи Худога Ўзини топширар эди». Мана, ҳақиқий камтарлик қанақа! Ана шундай одамларга Худо юрт ваъда қилади. Исо ҳеч қачон Ўзини ҳимоя қилмаган. Аммо яҳудийлар Унинг Отаси Худонинг ибодатхонасини ҳаром қилганларида, У арқондан дарра қилиб, уларни ҳайдаб чиқарди. Камтар шундай дейди: «Мен ҳеч қачон ўзимни ҳимоя қилмайман. Аммо Худони ҳимоя қилиб ўламан». Исога ибодатхонани икки марта тозалашга тўғри келди. У Исроилнинг иккиюзламачилари ва маънавий сўқир йўлбошчиларини тўғридан-тўғри фош қилди. У қўрқмасдан бу одамлар устидан ҳукм ўқиди. Шундай бўлса ҳам Муқаддас Китобда У камтар бўлган, дейилган. Камтарлик фақат Худо манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладиган кучдир. Иккинчидан, камтарлик қандай намоён бўлади? Ибтидо Китобининг 12-бобида Худо Иброҳим билан ақл бовар қилмайдиган аҳд тузди. Шундан кейин Эгамиз Иброҳимга деди: «Ўз юртингдан, қариндош-уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан. Буюк халқнинг отаси қиламан сени, барака бераман сенга, улуғ қиламан сенинг номингни, барака манбаи бўлурсан сен. Сенинг наслинг осмондаги юлдузлар ва денгиздаги қум каби кўп бўлади. Иброҳим, Мен сенга эгалик қилишинг учун ер бераман. Мен сен билан ҳали ҳеч ким кўрмаган аҳдни тузаман. Сени буюк халқнинг отаси қиламан» (қаранг: Ибт. 12:1-3). Кейинги бобда биз Иброҳимнинг чўпонлари билан унинг жияни Лутнинг чўпонлари ўртасида баҳс авж олиб кетганлиги ҳақида ўқиймиз. Иброҳим: «Қулоқ сол, ҳой йигит! Аҳд ким билан тузилган? Сен биланми ёки мен биланми?« дейиши мумкин эди. Лут унга: «Иброҳим амаки, сиз билан», — деб жавоб берарди. «Ўғлим, буни эсингдан чиқарма! Аҳд мен билан тузилган ва энг яхши ер меникидир!» Иброҳим шундай дейишга ҳақли эди, чунки у Парвардигор бандаси эди. Лут эса унинг кетидан эргашган оддий бир қариндоши эди, холос. Аммо Иброҳим қандай йўл тутди? Қани кўрайлик-чи, 13-бобда бу ҳақда нима дейилган экан? «Шунда Иброҳим Лутга деди: «Менинг чўпонларим билан сенинг чўпонларинг ўртасида жанжал бўлмаслиги керак. Ахир, биз яқин қариндошлармиз. Нима қилишимиз лозимлигини мен сенга айтай. Сен мана шу ердан яхши жойини керагича танлаб ол, кейин бир-биримиздан ажралайлик. Агар сен чап томонга кетсанг, мен ўнг томонга кетаман, агар сен ўнг томонга кетсанг, мен чап томонга кетаман» (Ибт. 13:8-9). Яъни, «нима хоҳласанг шуни ол, мен эса қолганини оламан». Мана, камтарлик қандай пайдо бўлади. Агар ўзингиз оддий бир гуноҳкор эканлигингизни сезсангиз, сиз Римликларга Мактубнинг қуйидаги ояти мазмунини тушуниб оласиз: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар» (Рим. 12:10). Иброҳим айнан ана шундай йўл тутди. Энди Юсуфни эслайлик. Акалари уни қул қилиб сотиб юборишди ва у Мисрга бориб қолди. Ниҳоят биз ундан қутулдик, — деб ўйлашди улар. Ота бошқа ўғилларга қараганда Юсуфни кўпроқ яхши кўргани учун, акалари ундан нафратланардилар. Мамлакатда очлик бошланди. Улар нон сотиб олиш учун Мисрга боришга мажбур бўлишди. Мисрда энг керакли одам кимлигини фаҳмладингизми? Юсуф! У бош вазир лавозимига кўтарилган ва фиръавндан сўнг биринчи ўринда турар эди. Мана, унинг акалари ҳам шаҳарга кириб келишди. Улар ўзлари танишмаган ҳолда Юсуфдан нон сотишни сўраб ялиниб келишган эди. Юсуф уларга шундай дейиши мумкин эди: «Мен сизнинг илтимосингизни рад қилишдан олдин, бир ҳодисани айтиб бераман». Аммо у бундай қилмади. Юсуф ўзини назорат қилиб турадиган кучга эга эди. Унинг юрагида заррача бўлса ҳам на қасос, на алам, на ғазаб йўқ эди. У ўз акаларини яхши кўрарди ва улар муҳтож бўлган ҳамма нарсани берди. Бунинг устига, у акаларининг орасида Бенямин йўқлигини айтди. Кейин Юсуф укасини жуда кўргиси келаётганини билдирди. Юсуф қўрқоқ эмас эди. У фиръавн билан қўрқмасдан баҳслаша оларди. У кучли ва қудратли одам эди. Беозорлик ва қўрқоқлик ўртасида ҳеч қандай боғлиғлик йўқ. Биринчи Шоҳлар Китобининг 26-бобидан олинган парчани эсланг. Унда Шоул Довудни қандай таъқиб қилгани ёзилган. Худо Довудни шоҳ қилмоқчи эканлигини Шоул биларди ва шунинг учун у Довуддан нафратланарди. Шоул Довудни ўлдиришга ҳаракат қиларди. Аммо кутилмаганда кунларнинг бирида Шоул қаттиқ ухлаб ётганда, Довуд Шоулнинг устидан чиқиб қолди. Ҳамма нарса тескарисига айланди. Довудга душманидан ўч олиш учун қулай вазият туғилди. Довуднинг жангчилари шоҳга Шоулни ўлдиришни маслаҳат қилдилар: «Қани, Довуд, буни амалга ошир. Мана у — сенинг душманинг. Бу жуда қулай имконият. Агар сен уни ўлдирмасанг, у сени ўлдиради». Довуд Шоулнинг ханжарини ва кўзадаги сувни олди. Довуд Шоулнинг ёнида кимдир бўлганини, уни ўлдириши мумкинлигини ва Шоул буни тушунишини хоҳлади. Аммо Довуд қўлида ханжари бўла туриб, ухлаб ётган душманини ўлдиришни истамади. У буни қилмади. Довуд ўз хоҳишига кўра ҳаракат қилмади, зеро у Парвардигорнинг иродасини бажаришни истади. Иккинчи Шоҳлар Китобининг 16-бобида Довуд ва ўғли Абусалом ўртасидаги низо ҳақида ҳикоя қилинади. Абусалом ўз отаси бўлмиш Довудни Қуддусдан ҳайдаб чиқарган. Шоулнинг собиқ тарафдорларидан бири Шамай ўтиб кетаётиб Довудга кўзи тушди ва уни ҳақоратли сўзлар билан мазахлади: «Унга қаранглар! Довуд, ўғлинг сени ҳайдаб юборди. Яшавор-е! Баракалла! Буёғи қандоқ бўлди! Исроил шоҳи буталар ичида яширинса-я!» Довуднинг жияни Абушай шоҳга деди: «Менга рухсат бер, шоҳим, бориб уни бошидан жудо қилай!» Аммо Довуд Шамайни ўлдиришга рухсат бермади, чунки шоҳ ўзини ҳимоя қилишни истамади. Ўша пайтда Довуд ажиб, итоаткор, Худо иродаси ва марҳамати билан тўлиб-тошган эди. Саҳрода Китобида (12:3) айтилишича, Мусо жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди. Сиз ҳайрон бўлишингиз мумкин: «Мусо камтар бўлганмиш! Ахир у фиръавнга: «Менинг халқимни қўйиб юбор!» деган-ку. Мусо Синай тоғидан тушиб келди ва акасининг қилмишларини кўрди. Акаси халққа олтин бутга сиғинишга ва унинг атрофида рақсга тушишга имкон берган эди. Буни кўрган Мусонинг жаҳли чиқиб кетди ва у тош лавҳаларни чил-чил қилиб синдирди». Ҳа, чиндан ҳам шундай бўлган эди Аммо Мусо бу қилмиши билан ўзини ҳимоя қилмади. У Раббийни ҳимоя қилди. Эгамиз Мусога: «Мусо, сен Менинг қуролим бўласан» (қаранг: Чиқ. 3) деганда, у шундай жавоб берди: «Мен бундай қила олмайман, Раббий, мен ожизман. Мен Сенга фойдали бўла олмайман. Бунинг устига мен дудуқман, яхши гапира олмайман. Агар менга Исроил халқини Мисрдан олиб чиқишни буюрсанг, эҳтимол, Сен ҳазиллашаётгандирсан? Қачонлардир мен бир мисрликни ўлдиргандим. Бунинг учун қирқ йил умримни саҳрода ўтказишимга тўғри келди! Мен қандай қилиб икки миллион яҳудийни бу мамлакатдан олиб чиқиб кета оламан? Йўқ, мен бундай қила олмайман!» Мусо ўзига ишонмасди. У Худо олдида ўзини ҳимоя қилолмас эди. Аммо Худони ҳар қандай одамдан ҳимоя қилишга тайёр эди. Мана ҳақиқий камтарлик! Учинчидан, оқибатда камтарлик нимага олиб келади? «Камтарлар бахтлидир», — дейди Муқаддас Китоб. Мана, камтарлик энг аввало нимага олиб келади. Сиз бахтли бўлмоқчимисиз (makarios)? Камтарликнинг маъноси шунда. Гап дунёвий, нимжон, вазиятларга боғлиқ бахт ҳақида эмас, Худо уни қандай тасаввур қилса, шундай бахт ҳақида кетяпти. Бу бахт тирик Худо билан мангу, якдилликка асосланган барқарор ва ҳақиқий шодликдир. «Камтарлар ерни мерос қилиб оладилар» — мана камтарлик яна нимага олиб келади. Масиҳнинг сўзлари қуйидаги маънони билдиради: Шоҳликка кириб сиз ерни мерос қилиб олиш ва унга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритасиз. Бу ҳуқуқ қачонлардир Одам Атога тегишли бўлган. Жаннатнинг қайтиб келиши юз беради. Шоҳлик табаалари ерни мерос қилиб оладилар. Ўзини тақводор ва гуноҳсиз деб ҳисоблаганлар эмас, фақат ўз гуноҳларига аза очиб йиғлаётганлар Унинг Шоҳлигига кирадилар. Ибтидо Китобида Худо Ўз бандаларига ер ваъда қилгани ҳақида ёзилган. Бу илк аҳд Эфрат дарёсигача бўлган ерларнинг ҳаммасига тааллуқли эканлигини биз тушунамизми? Яҳудийлар Иордан дарёсидан жанубий қирғоққа жуда катта қийинчиликлар билан ўтганлар. Демак, аҳд ҳали амалга ошмади. Ишаё пайғамбарнинг Китобида (57:13 ва 60:21) айтилишича, Масиҳ ташриф буюрадиган кун келади. У барча ҳудудни, шунингдек, ҳамма ерларни танланган халқига мулк қилиб беради. Аммо Исо замонидаги яҳудийлар нима деб ўйлаганлар? Улар: «Минг йиллик Шоҳлик кучлиларга, мағрурларга, қўрқмасларга ва ҳар қандай зулмларга чидай олмайдиган одамларга тегишли», деб ўйлаганлар. Исо бўлса бундай дейди: «Йўқ, йўқ. Ер камтарларга берилади». Қандай қилиб камтарлар ерни мулк қилиб оладилар? Ахир, улар бу учун ҳеч нарса қилмаяптилар-ку Камтарлар Шоҳликка кирадилар, Масиҳ эса уларга ер беради. Грекча таржимада биз яна бошқа ҳузур-ҳаловат амрларидагига ўхшаган кучайтирувчи олмошни учратамиз. «Камтарлар бахтлидирлар, чунки фақат улар ерни мерос қилиб оладилар». Мерос қилиб олиш деб таржима қилинган грекча сўз, «улуш ҳуқуқи бўйича олиш» деган маънони билдиради. Худо шуни ваъда қилди. Худо шуни режалаштирди. Забурнинг 36-саносида Худонинг Ўз халқига ер бериши ҳақидаги аниқ ваъдаси бор. Лекин барибир яҳудий тақводорлари шундай деганлар: «Нега энди барча нопоклар гуллаб-яшнайдилар, бизга эса энг ёмони тегади?» Забурчи уларни ишонтирган: «Бу ҳақда хавотирланманг. Худонинг кетидан юринг, Унга суянинг, Уни севинг ва У юрагингиз истакларини бажо келтиради». 36-санода шундай дейилган: «Фосиқнинг куни битай деб турибди-ку, Эгам буни кўриб, унга мазах қилади» (13-оят). Бу сизни хижолат қилиши мумкин. Аммо Худо, зулм қиладиганлар ўт каби ўрилиб, яшил майсадай сўлиб кетади, дейди. «Ёмонлик қилувчилар бари қириб ташланур, Худовандга умидворлар эса ер юзига эга бўлур» (9-оят). Мерос қилиб олмоқ феъли келаси замон шаклида қўлланган: биз Шоҳликнинг бир қисми бўлмоқчимиз. Биз Исо Масиҳ билан Шоҳлик қилмоқчимиз. Муқаддас Ёзув қуйидагича йўл-йўриқ кўрсатади: «Шунинг учун ҳеч ким одамийлик билан мақтанмасин. Чунки ҳамма нарса ўзингизники: Павлусу, Аполлосуу, Кифа ҳам, дунё ҳам, ҳаёт ва ўлим ҳам, шу дам ва келажак ҳам — ҳаммаси сизларники. Сизлар эса — Масиҳники, Масиҳ эса — Худоникидир» (1 Кор. 3:21-23). Сано куйловчи шундай дейди: «Чунки Худованд Ўз халқига марҳамат қилар, хокисорларни нажот гулчамбари ила шарафлар» (Заб. 149:4). Бир куни У халқларни ҳукм қилади. У ер юзидаги шоҳларни кишанлар ва амалдорларни уларнинг занжирлари билан боғлайди. Тез орада У барча нопокларни йиғади ва уларни бор мол-мулкларидан маҳрум қилади. Кейин Ўз танлаганларига янги ерлар беради. Ҳозир мен биладиган дунё, ҳозир мен кўриб турган дунё мен учун янги мазмун касб этади. Чунки у менга тегишлидир. Мен Унинг Шоҳлигида эканлигимнинг ўзи менга дунёга бошқача назар билан қарашга ёрдам беради. Агар Масиҳ бўлмаганда, менинг кўзларим ҳеч қачон очилмасди. Дунё бошқалар учун қандай бўлса, мен учун ҳам шундай бўларди. Бир куни, минг йиллик Шоҳликнинг аҳди бажарилганда, у меники бўлади. Тўртинчидан, нега камтар бўлиш керак? Чунки фақат камтарлар нажот топадилар. Ушбу сўзларни эсланг: «Чунки Худованд Ўз халқига марҳамат қилар, хокисорларни нажот гулчамбари ила шарафлар» (Заб. 149:4). Агар сиз Худонинг ҳузурига қайғураётган юрак билан келмасангиз, сиз ўз гуноҳингизга Унинг муқаддаслиги олдида мободо чин дилдан йиғламасангиз, сиз нажот топишга эриша олмайсиз. Унинг амри шундай. Худо: «…камтар бўлинг (Рус Синодал Муқаддас Китобда — „…беозор бўлинг…“. — Изоҳ тарж.)…» (Соф. 2:3) дейди. Бизга камтарлик зарур, чунки биз усиз Худо Каломини қабул қила олмаймиз. Ҳаворий Ёқуб бизга шундай дейди: «…Худонинг қалбингизга экиб қўйган каломини мулойимлик билан тан олинглар…» (Ёқуб. 1:21). Камтар бўлмай туриб, биз гувоҳлик ҳам қилолмаймиз. Сиз бу ҳақда биласизми? Мана нега Бутрус шундай дейди: «Раббингиз Масиҳга юракларингиздан муқаддас жой беринглар. Дилингиздаги умид ҳақида сиздан ҳар бир сўраган кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар» (1 Бут. 3:15). Биз камтар бўлишимиз керак, чунки фақат бизнинг камтарлигимиз Худони улуғлайди. Бутруснинг Биринчи Мактубида (3:4) айтилишича, яширин қалбдаги ювош ва сокин руҳ сизнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Худо олдида бунинг қадри азиздир. Шундай қилиб, биз камтар бўлишимиз керак. Чунки бу халос бўлишнинг ягона йўлидир ва буни Худо хоҳлайди. Камтарлик Унинг сўзини қабул қилиш ва тарғиб қилиш учун керак. Шунингдек, ер юзидаги ҳаётимизнинг вазифаси ҳам — камтарлик, чунки у Худони шарафлайди. Бешинчидан, мен камтарманми ёки йўқми, буни қандай биламан? Ўз юрагингизни ўрганинг. Сиз ўзингизни бошқара оласизми? Ҳар бир арзимаган сабаб билан ҳам ғазабланасизми? Ёки фақат Худонинг номи ерга урилганда сизнинг жаҳлингиз чиқадими? Сиз ҳар доим ҳам тинчликни сақлашга уринасизми? Камтарлик хафагарчиликларни кечиради ва вайрон бўлганни тиклайди. Шунинг учун Муқаддас Ёзув бизни бирбиримизга камтарлик ва сабр-тоқат билан муносабатда бўлишга, ўзаро тинч-тотув яшаб, Руҳнинг бирлигини сақлаш учун жон куйдиришга чорлайди (қаранг: Эф. 4:2-3). Сиз танқидга қулоқ соласизми? Сизни танқид қилаётганларни севасизми? Камтарлар шундай қилишади. Бошқаларга камтар бўлишлари учун йўл-йўриқ кўрсатасизми? Камтарлик одамнинг ўз «мен»идан қатъий воз кечишни билдиради. 6-боб. «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир…» (Мат.5:6) Шуни унутмаслик керакки, Маттонинг Хушхабарини бошидан охиригача бир мавзу суғоради, бу мавзу — Масиҳ Шоҳ эканлиги ҳақидадир. Матто доимо бизнинг эътиборимизни Масиҳнинг қандайдир бир Шоҳлик белгисига қаратади. Масалан, Унинг наслидаги шоҳликка, ёки шарқ сеҳргарларининг Унга сиғинишига (у ёки бу шоҳнинг келажагига боғлиқ бўлган одамлар), ёки Эски Аҳд пайғамбарларининг шоҳона башоратлари амалга ошишига, ёки Уни шайтон устидан Ўз ҳукмини ўтказа олишига. Ҳар қандай вазиятда ҳам Матто Масиҳни Шоҳдай қилиб тасвирлайди. Матто Хушхабарининг 5-бобида Шоҳнинг сўзлари ёки Шоҳликнинг баённомаси худди ўзидай қилиб акс эттирилади. Чиндан ҳам, агар Масиҳ шоҳ бўлса, Унинг Шоҳлигининг хусусияти қандай? 5-, 6-, 7-бобларда бу Шоҳликнинг таърифи билан танишганимиз зоҳоти, биз гап руҳий Шоҳлик ҳақида кетаётганлигини фаҳмлаймиз. Тоғдаги ваъзнинг энг сўнгида шундай дейилган: «Исо бу сўзларни айтиб бўлгандан кейин, халойиқ Унинг таълимотига ҳайрон қолди…» (Мат. 7:28). Нима учун? «…Чунки Исо уларга уламолар ва фарзийлар каби эмас, балки қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди» (Мат. 7:29). Нафақат У айтаётган сўзлар Унинг Шоҳлигидан дарак берарди, балки Унинг ташқи кўриниши ва Ўзини тутиши ҳам Унинг келиб чиқиши шоҳлардан эканлигини кўрсатарди. У Ўзини ҳокимият тепасида тургандай тутарди. Кимларнингдир гапларидан фойдаланишга Унинг эҳтиёжи йўқ эди. Раввинлар ва уламолар доимо машҳур одамларнинг сўзларидан фойдаланардилар. Исо эса ҳар доим Ўзининг гапларини айтарди. Исо Ўз сўзини бахт ва ҳузур-ҳаловатни таклиф қилишдан бошлади. Бироқ Унинг таклифи тингловчиларни ҳайрон қолдирди. Исо уларга ўзлари ҳеч қачон билмаган бахтни таклиф қиларди. Одамлар У таклиф қилаётган ўша бахт йўли ҳақида ҳам ҳеч қачон эшитмаган эдилар. Лекин Исо ниҳоят одамларни қизиқтира олди. У Ўз ваъзини тугатаётган пайтда улар нафақат Унинг сўзларига маҳлиё бўлиб қолдилар, балки лол бўлиб ҳам қолдилар. Бу ерда муҳим бир тушунтириш бериш зарур. Одамлар кўпинча: «Ҳузур-ҳаловат амрлари, ҳақиқатлари — бу қоидалар Шоҳликка кираётганлар учунми ёки аллақачон у ерга кириб яшаётганлар учунми?» — деб сўрашади. Жавоб улар учун ҳам, бошқалар учун ҳам — «ҳа». Шоҳликка кириш учун одам ўзини руҳан қашшоқ деб тан олиши керак. У ерга кириш учун ўз гуноҳлари ҳақида қайғуриш керак. Аммо Шоҳликда яшаб ҳам, биз ўз гуноҳларимизга йиғламасдан тура олмаймиз. Шоҳликка кириш учун камтар бўлиш лозим. Чунки мағрур одам у ерга кира олмайди. Аммо унга киргач сиз камтарлигингизча қоласиз. Чунки Худо янада кўпроқ сизга Ўз мукаммаллиги ва муқаддаслиги билан намоён бўлади. Шоҳликка кириш учун сиз руҳий ташналик ва тақводорлик истагини ҳис қилишингиз керак. Аммо сиз у ерга кирганингизда бу тақводорликка интилиш сизда йўқолмайди. Албатта, баъзида бизнинг Худога нисбатан садоқатимиз камаяди. Биз ҳатто итоатсиз бўлиб қоламиз, Шоҳликдаги ҳаёт қоидаларига қарши исён кўтарамиз. Аммо, буларнинг барига қарамай, садоқат бизнинг ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб қолади. КУЧЛИ ТАҚВОДОРЛИК ИСТАГИ… Ўрганилаётган бобдаги бизни қизиқтирадиган оят кучли истак, бошқариб бўлмайдиган ҳавас, қизғин интилиш ҳақида гапиради: «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, чунки улар тўқ бўлур». Муқаддас Китобда тақводор бўлмаган изланишлар ва истакларга жуда кўп мисоллар келтирилган. Бу Люциферга ҳам, Навуходносирга ҳам, ақлсиз бойга ҳам ва кўплаб бошқа одамларга ҳам тааллуқлидир. Аммо эзгу орзуга, қатъий мақсадга ва кучли истакка эга бўлишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, агар улар фақат тўғри мақсадларга йўналтирилган бўлса. Бизнинг истакларимиз йўналтирилиши керак бўлган бу тўғри мақсадлар қандай? 6-оятга яна қайтамиз. Унда адолатга очу чанқоқлар бахтлидир дейилган. Бу жуда кучли ва таъсирчан сўзлар. Одамга нон ва сув керак. Бу ерда эса Масиҳ, биз адолатга худди нон ва сув каби муҳтожмиз, дейди. Бизнинг жисмоний ҳаётимиз нон ва сувга боғлиқ, руҳий ҳаётимиз эса адолатга боғлиқ. Бугунги кунда Африкада, Ҳиндистонда ва Лотин Америкасида минглаб одамлар очликдан ва шу билан боғлиқ бўлган касалликлардан ҳалок бўлмоқдалар. Очлик ҳам уруш ва эпидемиялардан кам қўрқинчли эмас. Аммо жисмоний очликнинг барча даҳшатлари қониқтирилмаган руҳий очлик ва руҳий ташналикнинг олдида ҳеч нарса эмас. Нажот топмаган одамлар бахтга ва ўз қалбларининг очлигини қондиришга ташнадирлар. Аммо улар буни керак эмас жойдан қидиришади. Бутрус нажот топмаган одамни ўз қусуғига қайтиб келадиган ит ва ахлатда ағанаб ётишда давом қилаётган чўчқага ўхшатади (қаранг: 2 Бут. 2:22). Ҳар бир тақводорнинг ёки тақводор бўлмаган одамнинг юраги уни Худони ахтаришга даъват қиладиган руҳий ташналикдан азоб чекади. Аммо одам бу ташналикни керак бўлмаган нарсалар билан қондиришга ҳаракат қилади. У «нон бўлмаган» нарсани ахтаради (Ишаё 55:2). Исо инсон юрагининг руҳий ташналиги ҳақида билган. Шунинг учун У Ўзини нон сифатида таклиф қилган. У одамларнинг ташна эканликларини билган ва Ўзини сув сифатида таклиф қилган. Аммо бу таклифга одамларнинг жавоби жуда оддий эди. Ермиё буни жуда ажойиб қилиб ифодалаб берган: «Зеро Менинг халқим иккита ёвузликка қўл урди, улар Мени, ҳаётбахш сувлар чашмасини тарк этиб, ўзлари учун сардобалар сув ушламайдиган ёрилган сардобаларни қурдилар» (Иер. 2:13). Юҳаннонинг Биринчи Мактубида одамлар бу дунёда ўз истакларини қондира олмасликлари ҳақида огоҳлантириш бор: «Дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйманглар. Ким дунёга муҳаббат қўйса, унинг қалбидан Отанинг муҳаббати жой олмайди. Чунки дунёга хос ҳар бир нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво Отадан эмас, балки дунёдандир» (1 Юҳ. 2:15-16). Бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас, ҳамма нарса ўткинчи ва шамол олиб кетадиган, деб айтилган Ёзувда. Аммо Худо Руҳи даъватига жавоб берадиганлар ўз руҳий ташналикларини қондириш учун Ота зиёфатига қайтадилар. Демак, келинг бошида ўзимизга ўзимиз савол берайлик: «Мен нимага ташнаман?» Ҳокимиятгами? Олқишларгами? Моддий фаровонликками? Ҳузур-ҳаловатгами? Сиз ўз қусуғига қайтаётган итга ўхшайсизми? Ёки ифлос кўлмакда ағанаётган чўчқагами? Ёки сиз ҳақиқат, ҳаёт манбаига тиз чўкмоқчидирсиз? Ана шу саволларга берган жавобларингиз — сиз Шоҳликдамисиз ёки йўқми — шуни кўрсатади. Руҳий ташналикни ҳис қилаётганлар ва ҳақиқатни излаётганлар бахтлидирлар. Яна ташналар ва тириклик суви манбаига интилаётганлар ҳам бахтлидирлар. Ҳузур-ҳаловатнинг ҳар бир амрини кўриб чиқаётгандаги каби, бу ерда ҳам биз бир нечта муҳим саволларни таҳлил қиламиз. БУ АМР БОШҚАЛАРИ БИЛАН ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МОСЛАШАДИ? Агар биз «руҳан қашшоқ» бўлсак, бу бизда ҳеч қандай тақводорлик йўқлигини ва ахлоқий таназзулга учраганимизни билдириши ҳақида гапириб ўтдик. Биз ўзимизга ўзимиз ёрдам бера олмаймиз. Биз умидсизмиз. Биз гуноҳкормиз. Бундан сўнг «йиғлаётганлар» келади. Руҳимиз қайғураётгани сабабли, биз йиғлаймиз. Кейин «камтарлар» келади. Улар: «Худо билан солиштирилганда биз ҳеч киммиз», — дейдилар. Камтарлик — бу итоаткорлик. Худо олдида итоаткорлик билан бош эгиб, биз тақводорликни қўлга киритишнинг ягона имконияти — тақводорликни Ундан қидириш эканлигини тушунамиз. Ва бу бизни ҳузур-ҳаловатнинг тўртинчи амрига олиб чиқади. Биз ўзимизга тегишли бўлмаган нарсани қидириб, очлик ва ташналикдан азоб чекишимизни У бизга айтади. Шундай қилиб, бу ердаги мантиқий занжир анча оддий. Мартин Лойд-Жонс шундай деб ёзган: Ҳузур-ҳаловатнинг ҳар бир амри ўзидан олдингисидан мантиқан келиб чиқади. Кўряпсизми, бу таъриф илгариги фикрларнинг натижасидир. Бу улар келтириб чиқарадиган мантиқий хулосадир. Бу — биз Худодан чуқур миннатдор бўлишимиз керак бўлган бир нарсадир. Мен ҳар биримиз учун бу амрдан кўра яхшироқ — бизнинг масиҳийлик эътиқодимизнинг ҳақиқий синовини билмайман. Агар бу амр биз учун ҳақиқатдан ҳам Муқаддас Ёзувдаги энг бахтли ҳикматлардан бири бўлса, сиз ўзингизнинг ҳақиқий масиҳий эканлигингизга ишонч ҳосил қилаверинг. Агар бундай бўлмаса, сиз ўз эътиқодингиз асосини жиддий ўрганиб чиқишингиз керак[5]. Исо, бахт — бу руҳан камбағал бўлиш, бахт — бу қайғу ва йиғи, бахт — бу камтарлик, бахт — бу адолатга очу чанқоқ бўлиш деган. Энди бу таърифларнинг охирги қисмлари бир-бири билан қандай ажойиб уйғунлашаётганига эътибор беринг-а: «…Осмон Шоҳлиги уларникидир; улар тасалли топур; улар ер юзига эга бўлур; улар тўқ бўлур». Ахир, бу ажойиб эмасми? Агар биз бу хулосаларни бирлаштирсак, одамни ўзига тортадиган манзарани кўрамиз! Бошқача сўзлар билан айтганда, Худо шартларини бажарсак, биз ҳамма нарсани қўлга киритамиз. Бу дунё одамлари истаганларига эришиш учун ҳаракат қиладилар. Аммо агар улар Худога, унинг шартларига кўниб келганларида эди, улар ҳамма нарсага эга бўлардилар. Одамлар Худонинг Ўзи уларга бермоқчи бўлган нарсани қўлга киритиш учун жон-жаҳдлари билан тиришадилар (қаранг: Ёқуб. 4:1-2). Яҳудийлар Шоҳликни яқинлаштириш учун жуда кўп хизмат қилдилар. Улар оғир шароитларда тинчлик ва осойишталикка эга бўлиш мақсадида қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Улар ҳаётларини мазмунга тўлдириш учун ҳаракат қилдилар. Аммо улар нотўғри йўлдан бораётган эдилар. Худо уларга шундай деди: «Мен сизга барча истаган нарсангизни бераман. Мен сизга Шоҳлик бераман. Мен сизга тинчлик ва осойишталик бераман. Мен сизнинг барча эҳтиёжларингизни қондираман. Мен сизга ер бераман. Агар сиз Менинг ҳузуримга Менинг шартларим билан келсангиз, сиз ҳамма нарсага эга бўласиз». Агар биз Худо берган ваъдаларининг амалга ошишига ишонсак, бу учун биз бирон нима қилишимиз керак эмас. Чунки биз буни мерос қилиб оламиз. Муқаддас Китобни ўқиб мен шундай фикр юритаман: Худо: «Сен Менинг бандамсан. Сен ерни мерос қилиб оласан», — дейди. Шундай экан, мен нега уни ўз кучим билан қўлга киритиш учун вақтимни сарфлашим керак. Бунда ҳеч қандай маъно йўқ: ахир, у шундай ҳам меники бўлади. Агар бошқалар ҳам ундан бироз вақт фойдаланишса, мен эътироз билдирмайман. Барибир, у менга қайтади, чунки Унинг аҳди шунақа. Исҳоқ бир қудуқдан иккинчисига ўтган. У энди қудуқни қаздириб бўлганда, унга қандайдир талабгор топилиб Исҳоқ қудуқдан маҳрум бўлган. Ниҳоят, у ҳеч ким даъвогар бўлмайдиган қудуқни қаздирди ва Исҳоқ: «…Ниҳоят, Эгам бу юртда яшашимиз учун бизга кенг жой берди, энди биз бу ерда яйраб-яшнаб кетамиз», дея, қудуққа Кенглик, деб ном берди…» (Ибт. 26:2). Исҳоқ Худо тўғрисида қайғуришини У биларди. У худбин бўлмаслигига Худо имкон топарди. Тоғдаги ваъзда қўйилган мақсаднинг асосида мана нима ётибди. Сизники бўлиши керак бўлган ҳамма нарса Унинг қўлида. Шундай қилиб, сизда олдинга юриш учун омил пайдо бўлади. Маттонинг Хушхабарида (5:40) шундай дейилган: «…Ким сен билан даъволашиб, кўйлагингни олмоқчи бўлса, унга тўнингни ҳам бериб юбор…». Нима учун? Чунки сизга керак бўлган ҳамма нарса Шоҳликда бор. Хавотирланиш нега керак? «…Ким сени бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан икки чақирим юр. Сендан сўраганга бер, сендан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирма» (Мат. 5:41-42). Бу дунёнинг нарсаларига юрагингизни боғламанг. Чунки бу нарсаларнинг бари сизники бўлади. Шундай экан, бошқалар билан бўлишинг. Агар сизда шундай юрак ва шундай руҳ бўлса, сизнинг истакларингиз тўғри бўлади. Агар сиз: «Раббий, мен ташна бўлган нарса — бу Сенинг тақводорлигинг. Мен фақат Сенинг олдингда камтар бўлишни хоҳлайман. Мен Сенинг Шоҳлигингга Сенинг шартларинг асосида киришни истайман» десангиз, унда Худонинг аҳдига кўра сиз ҳамма нарсани мерос қилиб оласиз. Ҳаммасини! Ҳаворий Павлус Коринфликларга шундай деган: «…ҳаммаси сизники…» (1 Кор. 3:22; 23-оятда эса қўшимча қилган: «Сизлар эса — Масиҳники, Масиҳ эса — Худоникидир»). Буларнинг ҳаммаси сизники! Мана, Исо нима дейди: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади» (Мат. 6:33). Ҳамма нарса бизга тегишли, фақат Худо шартларига асосан. Шунинг учун биз: «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир», дея оламиз. 3-оятда оғриқ санчиб туради: «руҳан камбағаллар»; худди шундай оғриқ 4-оятда ҳам сезилиб туради: «йиғлаётганлар»; 5-оят «камтарлар», яъни ўз «мен» ларини тийиб олганлар. Аммо очу чанқоқлар ва ташналар ҳис қиладиган ўша оғриқдан сўнг (6-оят) тасалли келади, тинчлик ва осойишталик яқинлашади, чунки биз Худо ҳузурига келамиз. Мана, нега бу амр айнан шу ерда, бошқа жойда эмас. ЖУДА ЧАНҚАМОҚ ВА ХОҲЛАМОҚ НИМАНИ БИЛДИРАДИ? Биз юқорида очлик ва чанқоқлик мавзуси ҳақида гапирдик. Ва бу ерда сўз кучли, қизғин ва бошқариб бўлмайдиган истак ҳақида бораётганини айтдик. Масиҳ сўзларининг кучи жуда баланд, айниқса, улар қандай шароитларда айтилганини ҳисобга олган вақтимизда. Гап шундаки, биз америкаликлар, ташналикдан азоб чекиш нима эканлигини билмаймиз. Чунки бу муаммо осон ҳал қилинади: керак жойга бориб бирон нима ичиш мумкин. Очлик туйғуси ҳақида гапирганда, аллақачон соат икки бўлганини, биз эса ҳалиям тушлик қилмаганимизни тушунамиз. Джеймс Бойс бизга машҳур саркарда майор В. Гилбертнинг «Сўнгги юриш» номли китобидаги ҳикоясини баён қилиб беради. Бу ҳикоя Биринчи жаҳон уруши пайтида у ва унинг аскарлари Фаластин саҳросида бошларидан ўтказган ташналик азоблари ҳақида эди: Бизнинг бошларимиз оғрирди. Кўзларимиз қонга тўлганди. Ёндирувчи ва кўзларни қамаштирувчи қуёш дастидан ҳеч нима кўрмасдик… Тилларимиз шишиб кетганди. Лабларимиз қора бинафша рангга кириб ёрилиб кетганди... Сафдан чиққан аскар бошқа қайтиб келмасди. Аммо ғоят кучли туйғу бизни олдинга Шерияга, қудуқлар бор жойга ҳайдарди. Агар биз у ерга қоронғу тушгунча етиб бормасак, минглаб одамлар ташналикдан ҳалок бўлишга маҳкум эдилар. Ўша куни биз ўз ҳаётимиз учун жуда қаттиқ курашдик. Биз чекинаётган турклар билан изма-из Шерияга кириб келдик. Ташналикдан қонга тўлган кўзларимизнинг биринчи кўрган нарсаси — муздай тоза ичимлик сувига тўла катта-катта тош қудуқлар эди… Орадан тўрт соат ўтгандан сўнггина энг охирги жангчимиз ниҳоят ташналигини қондирди… Мен ишонаманки, ўшанда саҳрода Шерия қудуқлари томон жон-жаҳдимиз билан интилиб кетаётганимизда биз Муқаддас Китобнинг биринчи дарсини ўзлаштирдик. Агар биз Худога ва Худонинг солиҳлигига худди шундай ташна бўлганимизда, агар биз Унинг иродасини бажаришга худди шундай интилганимизда, агар бизда Худо билан баҳам кўришга худди шу каби бутун вужудни қамраб оладиган, чексиз ва кучли истак бўлганда эди, Руҳнинг қанчалар кўп мевасини олиб кела олган бўлардик[6]. Исо очлик ва ташналик ҳисси маълум бўлган одамлар билан суҳбатлашган. Ушбу матндаги грекча феъллар жуда маънолидир: peinao «зор бўлмоқ, кучли очликдан азоб чекмоқ»ни билдиради. Dipsao қаттиқ ташналикни кўзда тутади. Исо бу феълларни ҳозирги замон сифатдошлари шаклида қўллайди. Бу билан У ҳозир оч қолаётганлар, ҳозир ташналар ҳақида гап бораётганини таъкидлайди. Шуни эсдан чиқармангки, бу талаб нафақат Шоҳликка кираётганларга, балки аллақачон у ерда яшаётганларга ҳам тааллуқлидир. Мен Исо Масиҳга келган пайтимда руҳий ташналикни ҳис қилардим ва Унинг солиҳлигига ташна эдим. Энди эса Уни билган вақтимда мен Унга нисбатан янада кўпроқ очликни ва ташналикни ҳис қиляпман. Муқаддас Китобнинг машҳур шарҳловчиси Р. Ленски шундай деган: «Бу очлик ва ташналик чексиздир. У тўйиниш келган сайин ўсиб боради»[7]. Бутун ҳаёт йўли худди шундай. Агар сиз руҳий очликдан азоб чекмасангиз ва тақводорликка ташна бўлмасангиз, сизнинг Шоҳликда бўлишингиз шубҳалидир. Келинг, мисол тариқасида Мусога мурожаат қилайлик. Мусо қирқ йилни саҳрода ўтказгандан сўнг Худо уни чақирди ва унга ёнаётган бута ичида зоҳир бўлди. Мусо Мисрга Исроил халқини олиб чиқиш учун қайтди ва Худонинг қўлини Мисрдаги азоб-уқубатларда ва Қизил денгиз иккига бўлинганда кўрди. Мусо бутун йўл давомида Худони оловли булут устуни ичра уларнинг йўлини ёритиб бораётганини кўрди. У Худони қоядан оқиб тушаётган сувда ва осмондан ёғилаётган маннада кўрди. Худо кўрсатмасига биноан чодир қурган Мусо шундай деди: «Раббий, мен Сенинг улуғворлигингни кўрмоқчиман». Сиз: «Тинчлан, Мусо, етади! Сен шундай ҳам кўпни кўрдинг!» — деб айтган бўлардингиз. Аммо Мусо сизга яна: «Йўқ, етарли эмас», — деб жавоб берган бўларди. Парвардигор эса унга тоққа чиқишни буюрди ва тош лавҳалар берди. Бу тош лавҳаларда Худонинг қўли билан қонун ва амрлар ёзилган эди. Аммо пастга тушган Мусо бу билан қониқмади. Унга бу ҳам озлик қилди. У яна Худодан улуғворлигини намоён этишини илтижо қилди. Шоҳлик ўғли шуниси билан бошқалардан фарқ қиларди. Довуд Худога манзур бўлган банда эди. У Худо амрларига биноан яшарди. У 22-санонинг муаллифидир. У бутун ҳаёти давомида Худо, деган. Парвардигор ҳам доимо уни ҳимоя қилган ва унга ғамхўрлик кўрсатиб келган. Худо уйига бўлган рашк Довуднинг юрагини кемирарди. Худонинг дарди унинг дарди эди. Довуд Худога жуда яқин бўлган. Худо уйига бўлган рашк Довуднинг юрагини кемирарди. Худонинг дарди унинг дарди эди. Довуд Худога жуда яқин бўлган эди. Шундай бўлса-да, 41-санода Довуднинг қалби нимадан зорланади? «Кийик оқар анҳор сувларини тусагандай, кўнглим Сени шундай тусамоқда, эй Худо! Худога, кучли, барҳаёт Тангрига жоним ташна, қачон келиб Худонинг ҳузурига кўринар эканман?» (Заб. 41:2-3). Бошқа санода эса у шундай деб хитоб қилади: «Эй Худо, Сен менинг Тангримсан, эрта саҳардан Сени излайман, Сенга ташнадир жон-дилим. Қуриб, чарчаб сувсиз қолган тупроқдай вужудим Сени қўмсаб қийналмоқда» (Заб. 62:2). Довуд ўзининг очлигини ва ташналигини қондириб бўлмаслиги ҳақида гапиради. Шоҳликнинг ҳақиқий ўғлони ҳаёт тарзи ана шундай. Ҳаворий Павлус Исо Масиҳни уч маротаба кўрган. Биринчиси Дамашқнинг йўлида (қаранг: Ҳав. 9:3-9), ундан сўнг Коринфда (қаранг: Ҳав. 18:9-10), ва ниҳоят, учинчи марта осмонга кўтарилиш олдидан Унинг сўзларини эшитганда (қаранг: 2 Кор. 12:1-4). Павлус илоҳиёт таълимотини ёзди ва Янги Аҳдда Илоҳий ҳақиқатнинг буюк ҳодисаларини ёзиб қолдирди. У ҳамма нарсага эришган эди. Шундай бўлса ҳам унинг юрагида кучли истак яшарди: «Қани энди Масиҳнинг азобларида қатнашиб, ўлимида ҳам Унга эргашиб, Унинг Ўзинию тирилишининг қудратини билиб олсам» (Флп. 3:10). У доимо янада юксакроқ нарсага интилган. Шубҳасиз, у қонунни билган. 6–8-оятларда у қуйидагилар ҳақида гапиради: «Мен қонуннинг тақводорлигини англаб етдим, аммо буларнинг барисини фойдасиз деб билдим. Мен Раббим Исо Масиҳни билишни афзал кўрдим». Худо ҳадя қилган истеъдод эгаси, Плимут биродарлари ҳаракатининг бошида турган мутафаккир Ж. Н. Дарби шундай дейди: «Очликни ҳис қилишнинг ўзи етишмайди. Мен очликдан ва Худо юраги менга нисбатан қандай муносабатда эканлигини билиш истагидан ўлар ҳолатга етишим керак. Адашган ўғил оч қолганда, у чўчқалар билан бирга овқатланишга келди. Аммо у очликдан ўлаётганини сезганда, отасининг ёнига жўнади»[8]. Ана шундай энг зарур эҳтиёжни фақат Худо қондира олади. Руҳий қашшоқлик ва тақводорликка ташналикни ҳис қилмасдан, Худо ҳадя қилган ҳаёт гўзаллигини тўла сезиш мумкин эмас. Лука шундай дейди: «…Очларни тўйғизиб бахт-саодатли қилди, қуппа-қуруқ жўнатди бойликка ўчни…» (Лк. 1:53; яна қаранг: Заб. 106:9). Руҳий қашшоқлик ва руҳий ташналик чексиздир. Бугунги кунда бу очликни ва ташналикни олдингидан кўра кўпроқ сезаётганимдай туюляпти. Ишончим комилки, эртага менинг тақводорликка бўлган интилишим янада қатъийроқ бўлади. ҚАНДАЙ ОВҚАТ ВА ҚАНДАЙ СУВ БИЗНИНГ ОЧЛИГИМИЗ ВА ТАШНАЛИГИМИЗНИ ҚОНДИРА ОЛАДИ? Пайғамбар Амоснинг айтишича, бу дунёнинг одамлари «ернинг ҳокига» ташнадирлар (қаранг: Ам. 2:7). Одамлар ҳақиқатдан ҳам бахтни ахтарадилар, аммо улар бахтни ер юзасининг чангидан қидирадилар. Бизнинг эътиборимизга ҳавола қилинадиган турли-туман тадбирларнинг жуда кўплиги мени лол қолдиради. Йўқ, мен Диснейлендга ва бошқа кўнгилочар мажмуаларга қарши эмасман. Аммо бизнинг ҳаётимиз хилма-хил аттракционлар билан керагидан ортиқ даражада тўлиб тошган. Биз оғриқдан халос бўлишга интилаётган, аммо унинг пайдо бўлиш сабаблари билан қизиқмаётган касал одамга ўхшаймиз. Худди шунга ўхшаш муносабат жамоатда ҳам учраб туради. Кўп масиҳийлар бугунги кунда кучли туйғуларни, қандайдир кучли ҳаяжонланишни қидиришади. Одамлар семинарларга ва анжуманларга югуришади, бирон бир руҳий тажрибани қўлга киритиш учун мутахассислар билан маслаҳатлашишади. Аммо аслида бу нарсаларни изламаслик керак. Улар бахт, агар шундай дейиш мумкин бўлса, руҳий қашшоқлик ва тақводорлик ташналигининг қўшимча натижаси эканлигини тушунмай бахтни топишга уринишади. Тақводорлик, грекча dikaiosuna — бу Худо олдидаги поклик, Унга содиқлик. Ҳақиқий бахт Худо билан келишиб яшашдадир. Бу ерда биз иккита нарса ҳақидаги суҳбатга келдик: халос бўлиш ва муқаддаслаштириш. Олдин халос бўлиш ҳақида гаплашиб олайлик. Кимки ҳақиқатни жуда қаттиқ истаса ва унга ташна бўлса, у халос бўлишни ахтаради. У ўз гуноҳини кўради, ўз итоатсизлигини тан олади ва ўзининг Муқаддас Худодан узоқлашганини англайди. Унга кечирим керак. У халос бўлиш билан бирга келадиган тақводорликни қаттиқ хоҳлайди ва унга ташна. У ўз «мен»идан воз кечишни, ҳокимликдан халос бўлишни истайди. У гуноҳдан ва унинг лаънатларидан қутулишни хоҳлайди. Ишаё доим тақводорлик ва халос бўлишнинг орасига тенглик белгисини қўяди (қаранг: Ишаё 45:8; 46:12-13; 51:5; 56:1; 61:10). Биз халос бўлиш жараёнида тақводорликка эришамиз. Аслида, ҳузур-ҳаловат амрларида «халос бўлиш» сўзи билан «тақводорлик» ёки «ҳақиқат» сўзларини чалкаштириб юборишимиз мумкин. «Халос бўлишга очу чанқоқлар бахтлидир». Бахтли бўлишни хоҳлайсизми? Нажот топишга ташна бўлинг. Масиҳнинг қони сизнинг гуноҳингизни поклашига ташна бўлинг. Масиҳнинг тақводорлиги сизники бўлишига ташна бўлинг. Инсон ўзини ўз кучи билан қутқариш умидидан воз кечиб, Худо қўллари ёрдамида нажот топишни тинимсиз ахтарган пайтда у ҳақиқий бахтни англайди. Айнан мана шунда яҳудийлар — Исонинг замондошлари хато қилганлар. Улар нажот топишни ўз ишларидан ахтарганлар. Улар: «Биз тақводорликнинг тимсолимиз», — деганлар. Аммо Исо уларга шундай деб қаршилик билдирган: «Токи сиз ташналик ва очликдан кучсизланмасангиз, токи лойиқ бўлиш мумкин бўлмаган ҳақиқий тақводорликни чин дилдан истамасангиз, сиз бахт нималигини билмайсиз». Бахт авлиёларга келади. Ҳаттоки энг қийин дақиқаларда ҳам, энг кучли муҳтожлик пайтларида ҳам Павлус «Шодланинг!» деб даъват қилганини эсдан чиқарманг. Агар сиз бахтсиз бўлсангиз, демак, сизнинг ҳаётингизда қандайдир қилиб нопоклик кириб олган. Исо ўзларини тақводор деб ҳисоблаган яҳудийларга мурожаат қилади. Улар учун қоидаларга риоя қилиш, қонун талабларини бажариш тақводорлик бўлган. Уларнинг тақводорлиги юзаки эди. Фақат шунинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун Исо уларга шунда дейди: «…агар сизнинг солиҳлигингиз уламолар ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар…» (Мат. 5:20). Уларнинг тақводорлиги ҳеч нарсага арзимас эди. Ҳузур-ҳаловат амрлари барча юзаки ва хўжакўрсинга қилинадиган қобиқни юлиб ташларди. У моҳиятга қарашга мажбур қиларди. Энди муқаддаслашиш ҳақида гапирамиз. Биз муқаддаслашишга, яъни катта олийжанобликка очу чанқоқмиз ва ташнамиз. Мен ўз туйғуларимнинг кучини сўз билан ифодалаб бера олмайман. Аммо менинг руҳий ташналигим ҳеч қачон тугамаслигига ва мен доимо фақат Масиҳга ўхшашга янада кўпроқ интилишимга умид қиламан. Бу масиҳийнинг ўзига хос хусусиятидир. Бизни янада олийжаноброқ, янада покроқ бўлишга интилиш ҳисси тарк этмайди. Биз бирон-бир эътиборга лойиқ иш қилиб, ўзимиз ўзимизга: «Мана, мен чўққига ҳам чиқдим» дея олмаймиз. Бундай фикрлар ўз-ўзимни қутқардим, деб ҳисоблайдиган қайта тикланмаган одамлар учун ҳам, ўзларини олий мақсадга эришдим деб ҳисоблайдиган масиҳийлар учун ҳам фожеадир (қаранг: Флп. 3:13). Шоҳликнинг ҳақиқий ўғлонлари ҳеч қачон руҳий очликни ҳис қилишдан тўхтамайдилар. Филиппиликларга Мактубда Палус шундай дейди: «Сизларнинг муҳаббатингиз ҳам ҳар қандай билим ва сезгида такомиллашиб, яна кўпдан-кўп ортиб боришини Худодан сўрайман» (Флп. 1:9). Сиз ҳали ҳеч нарсага эришмадингиз. Сиз қанчалар кўп севманг, янада кўпроқ севишингиз керак. Қанчалар итоаткор бўлмайлик, янада кўпроқ итоаткор бўлишни ўрганишимиз керак. Ақлингиз қанчалар янгиланмасин, сиз Масиҳ ўйлагандай ўйлашга ўрганишда давом қилишингиз керак. Доимо руҳий очлик ва ташналик ҳолатида бўлганлар бахтлидир. Биз қандайдир ярим-ёрти тақводорлик билан кифояланиб қолмаймиз. Биз унга тўла эга бўлишни, яъни Масиҳга ўхшашни хоҳлаймиз. Биз ҳеч қачон эришганимиздан қониқмаймиз. Худонинг муруввати билан биз қай даражада тақводор бўлмайлик, ҳеч қачон биз мукаммал тақводор бўла олмаймиз, тўғрими? Шундай экан, очлигимиз ва ташналигимиз бизни ҳеч қачон тарк этмайди ва биз Довуд каби: «…У ўқларини отиб ёвларини тарқатди, чақмоғини чақнатиб уларни тузатиб юборди» (Заб. 16:15), деб хитоб қиламиз. Демак, ҳаммаси халос бўлишдан бошланади ва муқаддаслашиш каби давом этади. Муқаддаслашиш эса қисман ва узуқ-юлуқ бўлмайди. Бизнинг тақводорликка эга бўлишимиздан кўра, тақводорликни қидиришимиз Худога кўпроқ ёқиши мени завқлантиради. Яҳудийлар эса такаббурлик билан: «Ҳа, биз тақводорликка эришдик» деганлар. Исо уларнинг бу нуқтаи назарларини чипакка чиқарди. У, шундай деб ўйлайдиганлар Худо марҳаматидан маҳрумдирлар, дейди. Аммо биз, ҳеч нарсага эришмадик деб ўйлаганлар, бахтлидир. Агар сиз ўзингизни тақводор деб ҳисобласангиз, демак, сиз энг ёмон аҳволдасиз. Худо очу чанқоқлар ва ташналар доимо янада кўпроқ нарсага интилишлари учун уларга марҳамат қилади. Кимдир бу ҳақда шундай деган: «Бу шундай ташналикки, уни ер юзидаги ҳеч қандай оқим қондира олмайди. Бу шундай очликки, уни Масиҳдан бошқа ҳеч ким тўйдира олмайди». Мен буни муқаддас қониқмаслик деб атайман. РУҲИЙ ОЧЛИК ВА ТАШНАЛИКНИНГ НАТИЖАСИ КАНДАЙ? Очлар ва ташналарга нима бўлади? «Улар тўядилар». Тўядилар — мана асосий сўз. Одатда бу гап ҳайвонларни овқатлантириш ҳақида кетаётганда ишлатилади ва тўла қониқишни билдиради. Худо бизни бахтли ва хурсанд қилишни хоҳлайди. Нимадан хурсанд қилишни? Биз нимага ташнамиз? Тақводорликка. Бу мантиққа тўғри келмайди, шундай эмасми?! Сиз тўяверасиз, аммо айни пайтда ҳеч қачон тўла қониқиш ҳосил қилмайсиз. Менинг рафиқам ажойиб лимонли пирог пиширади — бу пирог мутлоқо ўзгача. Мен уни жуда хуш кўриб ейман, аммо доимо яна ва яна егим келаверади. Мен аллақачон тўйганман. Аммо янада кўпроқ ейишни хоҳлайман. Чунки еганим менда яна қўшимча сўраш истагини уйғотади. Тақводорлик ҳам худди шунақа. Биз тўйганмиз. Аммо бу шунчалар ажойиб ва гўзалки, биз яна хоҳлаймиз. Биз Худо тақводорлигини ахтарган вақтимизда, У бизга уни беради. Забурчи шундай дейди: «…Чунки У қондирди чанқоқ кўнгилни, неъматлар билан тўйдирди очиққан жонни» (Заб. 106:9). Шоҳ Довуд: «…Арслонлар оч ва муҳтож бўлур, художўйлар рисқ-насибаси эса бут бўлур» (Заб. 33:11) дейди. 22-санода эса у: «Худованд — Чўпоним менинг, мен муҳтожлик кўрмайман асло. <…> Ёвнинг кўз ўнгида менга дастурхон тузагансан, хушбўй мой ила мойлагансан бошимни, лим-лим тўлдиргансан косамни» (Заб. 22:1, 5), деб хитоб қилади. Пайғамбар Ермиё Китобида шундай деб ёзилган: «Руҳонийларга мўл овқатдан егизаман, халқим учун саховатимнинг етти дарвозасини очаман. Мен, Эгангиз, шундай дедим» (Иер. 31:14). Исо қудуқ олдида турган аёлга шундай дейди: «…Лекин Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сувдан ичганнинг вужудида булоқ пайдо бўлиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқаверади» (Юҳ. 4:14). Кейин эса У: «…Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас…» (Юҳ. 6:35), деб эълон қилди. Исо тўйдиради. Аммо шунга қарамасдан бизда абадий муқаддас қониқмаслик ҳисси яшайди. Бу ҳис бизни янада кўпроқ хоҳлашга мажбур қилади. Биз Исо Масиҳни кўрган вақтимиздагина шу ҳис бизни тарк этади. Шоҳлик табааларини ҳеч қачон қониқмайдиган ташналик қийнайди. Аммо бу ҳукмронлик ёки ҳузур-ҳаловатларга, шон-шарафга ёки моддий манфаатларга бўлган ташналик эмас, балки тақводорлик ташналигидир. ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ТАҚВОДОРЛИККА ТАШНАМАНМИ ЁКИ ЙЎҚМИ, БУНИ ҚАНДАЙ БИЛСАМ БЎЛАДИ? Сиз ўзингиздан мамнунмисиз? Пуританлар (кишилар кўзига ахлоқли, одобли бўлиб кўринувчи одамлар — изоҳ тарж.): «Тақводорликни қайтармайдиган одамлар тақводорликка энг муҳтож одамлардир», — деганлар. Сиз ҳам ҳаворий Павлус каби: «Мен бечора! Ким мени ўша ўлим танасидан қутқаради?» деб нолийсизми? Ёки сиз шунчалар ўзингизга ишонасизки, бошқаларни адашаётганлар деб ҳисоблаб, ўзингизни ҳамма нарсада ҳақман деб ўйлайсизми? Агар сиз заррача бўлса-да ўзингиздан мамнун бўлсангиз, сизнинг руҳий очлик ва тақводорлик ташналиги нима эканлигини билишингиз даргумон. Сиз ўзингизни таъқиб қиладиган муваффақиятсизликлардан сира ҳам тўхтамайдиган оғриқни сезасизми? Бу сизнинг Худога муҳтожлигингиз белгисидир. Қандайдир ташқи бирон нарса сизга мамнунлик ҳиссини олиб келадими? Нарсалар сизнинг кайфиятингизга таъсир қилганини ҳеч сезганмисиз? Сиз ўз очлигингизни ёмон овқат билан қондирасизми? Тақводорликка очу чанқоқлар ҳеч қачон бундай нарса билан тўймайдилар. Худо Сўзига ташналикни ҳеч сезасизми? Фақат ундагина, агар сиз риоя қилсангиз, сизга тақводорлик ҳадя қиладиган қоидалар бор. Ермиё шундай дейди: «Айтган ҳар бир сўзингни юрагимга жо қилдим, Сенинг сўзларинг мен учун шодлик, дилим қувончи бўлиб қолди. Зеро мен Сенинг номинг билан аталганман, эй Парвардигори Олам — Эгамиз» (Иер. 15:16). Агар сиз тақводорликни бутун юракдан ахтарсангиз, сизда Худо Каломига шундай ташналик пайдо бўладики, сиз уни очкўзлик билан ютадиган бўласиз. Агар шундай ташналик ва шундай очликни ҳис қилмасангиз, эҳтимол, сиз умуман Шоҳликнинг боласи эмасдирсиз. Нима бўлганда ҳам бу сизни бахтли бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Худодан келадиган ҳар бир нарса сизга мамнунлик бахш эта оладими? Ҳикматлар китобида шундай дейилган: «…Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади, очга эса аччиқ нарса ҳам ширин» (Ҳикм. 27:7). Тақводорликка ташна одамни таниб олиш унча қийин эмас. Чунки бундай одам Худо унга синовлар юборган вақтида мамнун бўлади. Қийинчиликлар унга азоб-уқубатлар келтиришига қарамай, у Худодан синовларни қабул қилиб олади. Баъзи кишилар фақат қулай шароитлардагина хурсанд бўла оладилар. Оғир дамлар келганда эса улар норозилик билдирадилар. Улар на очу чанқоқ ва на ташна эмасдирлар — улар фақат бахтнинг кетидан қувадилар. Томас Уотсон шундай дейди: «Тақводорликка очу чанқоқлар ва ташналар Инжил миррасидан худди асал каби ҳузур-ҳаловат оладилар»[9]. Мен ўз тажрибамдан синовлар ҳам марҳаматлардан кам ҳузур-ҳаловат бағишламасликларини биламан. Чунки уларни Худо буюради. Унинг эса ягона мақсади бор: бизни янада тақводор қилиш. Сизнинг очлигингиз ва ташналигингиз бирон-бир шартлар билан чегараланмаганмикин? Осмон Шоҳлигига кирмоқчи бўлган ўша бой йигитни эслайсизми? У ўзининг ердаги мол-мулкидан ажралишга тайёр эмас эди. Унинг очлиги қандайдир шартлар билан чекланган ва у тўя олмасди. Сиз-чи, сизнинг очлигингиз қандай? Сиз: «Мен Масиҳ билан бўлишни ва гуноҳ қилишда давом этишни хоҳлайман. Мен Масиҳ билан бўлишни хоҳлайман, аммо ўз такаббурлигимдан ёки ноқонуний алоқаларимдан, ёки айёрлик қилиш ва алдаш одатларимдан, ёки ўз манфаатпарастлигимдан, ёки …дан воз кеча олмайман» демайсизми? Оч одам бир вақтнинг ўзида ҳам овқат, ҳам янги костюм қидирмайди. Ташна бўлган бир вақтнинг ўзида ҳам сув ҳақида, ҳам янги туфли ҳақида орзу қилмайди. Униси ҳам, буниси ҳам фақат овқат ейишни ва сув ичишни хоҳлайди. Забурнинг 118-саносида шундай дейилган: «Ҳукмларингни доимо орзу қиламан, соғинчдан жоним адо бўлмоқда» (Заб. 118:20). Сиз ушбу саволларга қандай жавоб бердингиз? Ишаё шундай дейди: «Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди, ҳа, мен Сени излайман. Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда, олам аҳли солиҳликни билади…» (Ишаё 26:9). Довуд ҳам эрта тонгдан Худони излаган. Ақлли қизлар куёвлар келишларидан олдин ўз чироқларини ёғга тўлдириб олганлар. Аммо баъзи одамлар руҳий қидиришларни шунчалар орқага сурадиларки, улар Лука Хушхабарида ҳикоя қилинган бой одамнинг ҳолига тушиб қолишлари мумкин (қаранг: Лк. 16:24). Шунда улар: «О, кимнидир ўз бармоғининг учини сувга ботириб бизнинг тилларимизни совутиш учун юборинглар. Чунки биз ушбу алангада кўп азоб чекяпмиз», — деб қичқирадилар. Қондириб бўлмайдиган ташналик ана шунақадир. Тўйиш ва қониш учун ҳозир очу чанқоқ ва ташна бўлинглар. 7-боб. «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир…» (Мат.5:7) Исо яшаган даврнинг эътиқоди юзаки хўжакўрсинга бўлган. У урф-одатлар ва диний маросимларга риоя қилинишига жуда катта аҳамият берган. Эътиқод йўлбошчилари ўзларининг қутулишларига ишонганлар. Улар ўзларини Осмон Шоҳлигининг табаалари деб билганлар. Улар Масиҳ келгандан сўнг пайдо бўладиган давлатда муҳим одам бўламиз, деб ҳисоблаганлар. Аммо Раббимиз бу каби кишиларга шундай дейди: «Эй уламою фарзийлар, сиз мунофиқларнинг ҳолига вой! Сизлар ташқаридан чиройли кўринадиган, лекин ичи ўликларнинг суяклари ва ҳар хил қабиҳликларга тўла, оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар…» (Мат. 23:27). Бундан сал олдинроқ унинг ҳузурига чўмилиш учун келган фарзийлар ва саддуқийларни Яҳё пайғамбар кўриб, уларга деди: «…Вой илонлар зоти! Бошингизга келадиган Худо ғазабидан қочиб қутулишингизни сизларга ким уқтирди? Бундан буён тавба қилганингизга яраша ҳосил беринглар! «Иброҳим бизнинг отамиз», деб кўнглингиздан ўтказманглар» (Мат. 3:7-9). Бошқача қилиб айтганда, «…миллатингиз сизни қутқаришига умид қилманг». Сўнг Яҳё қўшиб қўйди: …мен сизларга айтаманки, Худо шу тошлардан Иброҳимга авлод тиклашга қодир. Ҳозирданоқ дарахтлар илдизида болта ётибди-ку. Яхши мева бермаган ҳар қандай дарахт кесилиб оловга ташланади. Мен сизларни тавбага чақириш учун сувга чўмдириб юрибман. Лекин менинг кетимдан Келаётган мендан қудратлидир. Мен Унинг чориқларини кўтаришга ҳам арзимайман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оловга чўмдиради. Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У ўз хирмонини шопириб ташлайди; буғдойини омборга тўплаб, сомонни сўнмас ўтда ёндириб юборади. Мат. 3:9-12 Яҳё Пайғамбар бу урф-одатлар тарафдорларини кутаётган даҳшатли жазо ҳақида гапирган. Қилич аллақачон тушди; олов эса аллақачон алангаланди. Исо: «Фақат сизнинг ичингиздаги нарса ҳақиқатдан ҳам муҳимдир» деб ана шу тақводорлиги билан кеккаяётган, такаббур ва худбин оломонга қарши чиқди. Исо уларнинг хулқ-атворлари ҳақида гапирган. «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир. Чунки улар оқланадилар», — дейди У. ИЧКИ ТАҚВОДОРЛИК Исо фарзийлар ва саддуқийлар ўзларини ҳимоя қилиш учун келтирган барча далилларни рад қилди ва тўғридантўғри асосий ишга ўтди. Масиҳ доимо ички мазмунга асосий эътиборни қаратган. У ташқи хусусиятларга ҳам бефарқ эмас эди. Аммо уларга тўғри далил-исботлар натижаси деб қараган. Агар ичда тақводорлик бўлса, у албатта тўғри хулқ мевасини беради. Бироқ сиз тўғри ҳаракатларни хўжакўрсинга, асосларсиз қилишингиз мумкин. Бу эса қонунпарастликдир. Исо учун фақат тўғри фикрлар, тўғри ички кайфиятлар оқибати бўлган ишларгина муҳимдир. Матто Хушхабарининг 6- ва 7-боблари нима қилишимизни, нима дейишимизни ва нима ҳақда ўйлашимизни муҳокама қилади. Одамнинг ички кайфияти — Тоғдаги ваъз қурилган асос мана шудир. Мартин Ллойд-Жонс: «Энг аввало — ишонч, иш эса кейиндир»[10], деб бу фикрни жуда яхши ифодалаган. Шоҳнинг фарзанди, Шоҳликнинг табааси бўлиш — энг аввало муайян хусусиятларга эга бўлиш деганидир: руҳан камбағал бўлиш, гуноҳи ҳақида қайғуриш, камтар, тақводорликка очу чанқоқ ва ташна бўлиш, мурувватли, пок юракли, тинчлик ўрнатувчи бўлишдир. Биз эътиқодимизга эмас, балки эътиқодимиз бизга йўл кўрсатиши керак. Масиҳийлик ҳаётига ҳар қандай ташқи сайқал, ҳар қандай хўжакўрсинчилик бегонадир. Бизнинг эътиқодимиз — бизнинг қалбимизнинг қаърида яшайди. У қалбимиздан қуйилиб ишларимиз ва қилмишларимизда намоён бўлади. Худони ҳеч қачон бузоқлар ва эчкиларнинг қони ҳақиқатдан ҳам қизиқтирмаган. У ҳеч қачон тақводорона фаолиятни, агар инсон юраги тақводор бўлмаса, қадрламаган. Шундай қилиб, Исо ақл бовар қилмайдиган нарсаларни айтиб хўжакўрсинчилик ва юзакичиликнинг тарафдорлари оломонига қарши турди. Ҳузур-ҳаловатнинг биринчи амрида У шундай дейди: «Сизга ҳақиқатдан ҳам керак нарса — бу ўзингизни руҳий таназзулга учраганингизни тан олишингиздир. Сиз ўзингизни Худога ҳеч нарса келтира олмайдиган аянчли ва ёрдамга муҳтож, қашшоқ каби кўришингиз зарур. Сизнинг ягона умидингиз — қашшоқлигингизни тан олишингиз ва бурчакка беркиниб, у ерда авф этилишингиз ҳақида ибодат қилиш зарурлигини тушунишдир. Сиз тақводорлигингиз билан керилмаслигингиз керак. Сиз гуноҳларингиз ҳақида аччиқ кўз ёшлар тўкишингиз керак. Ва сиз баъзи амрларга риоя қилишингиз билан ғурурланмаслигингиз лозим. Сиз муқаддас Худо олдида бўйсунишингиз керак. Сиз руҳий очликдан азоб чекишингиз ва ҳақиқатга ташна бўлишингиз лозим». Ҳузар-ҳаловатнинг биринчи тўртта амрида Худо олдидаги бизнинг ўрнимизни аниқлайдиган ички тамойиллар берилган. Худди олдинги тўрттасидай, бешинчи амр ҳам инсоннинг ички кайфиятига даҳлдор бўлиб, айни пайтда шахсий хусусиятлар доирасидан четга чиқади ва бошқа одамлар билан муносабатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Бешинчи амрни олдинги тўрттасининг меваси деб ҳисоблаш мумкин. Агар биз ўзимизни руҳий қашшоқ ҳис қилсак, агар биз ўз гуноҳларимизга аза очиб йиғласак, бўй сунсак ва тақводорликни зўр бериб қидирсак — унда бошқа одамларга мурувватли муносабат бунинг маҳсули бўлади. Биринчи тўртта амр аслида кейинги тўрттасининг мантиқий охири бўлиб, улар билан мосдир. Биринчи тўрттаси инсоннинг ички хусусиятларига дахлдордир, сўнгги тўрттаси эса ушбу хусусиятларнинг намоён бўлиши нимага олиб келиши ҳақида сўзлайди. Биз руҳан камбағал бўлган ва ўзимизни ёрдамга муҳтож қашшоқлар каби ҳис қилган вақтимизда бизда бошқа камбағалларга ёрдам бериш истаги туғилади. Биз мурувватли бўламиз. Биз ўз гуноҳларимизга аза очиб йиғлаётганимизда юракларимиз пушаймонлик ёшлари билан ювилади. Биз пок юракли бўламиз. Биз итоаткор ва камтар бўлганимизда, тинчлик ўрнатувчилар бўламиз. Чунки камтарликдан, албатта, тинчлик келиб чиқади. Биз ҳақиқатга очу чанқоқ ва ташна бўлганимизда эса ҳақиқат учун жабр-зулмларни ва қувғинларни шодлик билан қабул қиламиз. Энди келинг, мурувватли бўлиш нима эканлигини тушуниб олайлик. Исонинг бу оддий ҳикматининг маъноси шунчалар кенг ва чуқурки, мен нимадан бошлашга ҳам қийналаман. Мен 7-оятни ўрганиш ва унинг бутун теранлигини очиб бериш учун битта китоб ҳам етишмаса керак, деб ўйлайман. Буни қисқача баён қилишга ҳаракат этаман. МУРУВВАТ НИМА? Мурувватли бўлиш нима дегани? Исонинг замондошлари бўлган яҳудийларга бу тушунча таниш ҳам бўлмагандир. Улар ҳам римликлардан ортиқ мурувватли эмасдилар. Улар мағрур, худбин, такаббур ва бошқаларни ғийбат қилишга мойил бўлганлар. Исонинг сўзлари уларнинг энг қалтис жойларига тегиб кетарди. Одамлар одатда бу амрни инсонпарварлик асосида таҳлил қиладилар. Улар шундай фикр юритадилар: «Агар сиз ўз яқинларингизга меҳрибон бўлсангиз, улар ҳам сизга меҳрибон бўладилар». Ҳатто Талмуд (яҳудийларнинг диний, маиший, ҳуқуқий қонун-қоидалар китоби — изоҳ тарж.) ҳам бундай олийжанобликни инсоний фазилат деб ҳисоблайди. Буни Гамаилилнинг мулоҳазаларидан олинган қуйидаги парча тасдиқлайди: «Агар сенда мурувват бўлса, Худо сенга мурувватли бўлади. Аммо агар сенда бошқаларга мурувват бўлмаса, Худо ҳам сенга мурувватли бўлмайди». Агар сиз ўз яқинларингизга яхшилик қилсангиз, улар ҳам сизга худди шундай яхшилик билан жавоб беришларига одамлар ишонадиганга ўхшайдилар. Ҳатто бу саволни илоҳиёт нуқтаи назаридан кўриб чиқаётган одамлар ҳам, масалан, Гамаилил шундай деган: «Агар мен буни Худо учун қилсам, Худо ҳам мен учун шуни қилади». Бир муаллиф бу ҳузур-ҳаловат амрини қуйидагича ўзгартирган: «Мана ҳаётнинг буюк ҳақиқати: агар одамлар бизнинг меҳрибонлигимизни кўрсалар, улар ҳам эзгу ишлар қиладилар». Аммо ҳаммаси шунчалик оддий эмас. Албатта, сўз Худо ҳақида бўлса, бу тўғри. Парвардигор Ўзининг содиқ бандаларига Гамаилил айтганидай ғамхўрлик қилади. Бироқ дунё бошқача йўл тутади. Бунинг устига, рим дунёси, раҳмдилликнинг ҳар қанақа кўринишларига қарамай, мурувват нима эканлигини умуман билмаган. Бир рим файласуфи мурувват — бу «қалбнинг касаллиги», ожизлик белгиси деган. Римликлар адолатни, мардликни, тартиб-интизомни ва кучни улуғлаганлар. Мурувватдан эса нафратланганлар. Римликнинг оиласида фарзанд туғилган пайтда, отанинг patria potestas га ҳуқуқи бўлган: агар у болани тирик қолдиришга қарор қилган бўлса, бош бармоғини юқорига кўтарган. Аммо агар ота болани ўлимга маҳкум қилган бўлса, бармоғини пастга қаратган ва чақалоқни дарҳол ўлдиришган. Мабодо бирон-бир қул римликнинг жонига теккан бўлса, римлик уни ўлдириш, кўмиб ташлаш ҳуқуқига эга бўлган. Ва бу жиноят ҳисобланмаган. Шунингдек, римлик ўз хотинини ҳам ўлдириши мумкин бўлган. Шундай экан, агар сиз рим фуқароси билан мурувват ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, у сизни тушунмаслиги мумкин. Бизнинг худбин, очкўз ва адоватли дунёмизда ҳам сизни тушунишлари эҳтимолдан йироқ. Чунки ҳозир кўпинча: «Унга яхшилик қилсангиз, у сизнинг бошингизга ўтириб олади!» деган гапни кўп эшитамиз. Бу амрнинг инсон пасткашлигига сира ҳам ўхшамаслигининг яққол далили — бу Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзидир. У ер юзида яшаган одамларнинг энг мурувватлиси бўлган. У хасталарга қўлини чўзган ва уларни даволаган. У чўлоқларни оёққа турғизган. У кўрларнинг кўзини очган, карларга эшитиш қобилиятини ҳадя қилган. Кар-соқовлар Унинг ҳузурида гапира бошлаганлар. У фоҳиша аёлларни, уйсиз-жойсизларни, арақхўрларни, ифлос қашшоқларни йиғган ва Ўзининг ёнига ўтқазган. Исо уларнинг қалбларини даволаган, уларни ҳаётга қайтарган. Масиҳ ёлғизлар томон борган, уларни Ўз муҳаббати билан қамраб олган. У ёш гўдакларни қўлига олган, уларга меҳр билан боққан. Ҳали дунё Исоникидай меҳрли ва мурувватли юракни кўрмаган. Бир куни Унинг ёнидан мурдани дафн этишга кетаётган одамлар тўдаси ўтиб қолди. Исо ўлган ўғлига аза очиб йиғлаётган аёлни кўрган. У бева аёл бўлиб, энди унга ғамхўрлик қиладиган ҳеч кими қолмаган эди. Исо дафн маросимини тўхтатди. Кейин қўлини тобут устига қўйди ва аёлнинг ўғлини тирилтирди. Ундан бошқа Ким бечора бевага ғахўрлик қилди? Юҳанно Хушхабарининг 8-бобида хиёнат қилиб қўлга тушган аёлни Исо кечиргани ҳақида ҳикоя қилинади. Нақадар олийжаноблик! Исони солиқчилар ва гуноҳкорлар билан овқатланаётганини (қаранг: Мк. 2:16) кўрган уламолар ва фарзийлар Унинг шогирдларидан сўрашди: «Бу қандай гап? У солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб-ичиб ўтирибди-ку!» Исо ер юзида яшаган одамларнинг энг раҳмдили бўлган. Одамлар эса Унинг қонига ташна бўлганлар. Агар мурувват мукофотланганда эди, улар Исони хочга олиб келмаган, Унинг юзига тупурмаган ва Уни лаънатламаган бўлардилар. Унинг Ўзи чексиз мурувват кўрсатган одамлардан мурувват кўрмади. Икки шафқатсиз тизим — римликлар ва яҳудийлар Уни ўлдириш учун бирлашдилар. Йўқ, бу ерда гапирилаётган раҳм-шафқат мукофотга лойиқ инсоний фазилат эмас. Исо бу ҳақда гапирмаган. Унда Раббий нимани назарда тутган? Ҳаммаси жуда оддий: бошқаларга нисбатан шафқатли бўлинг, Худо эса сизга шафқатли бўлади. Раҳм-шафқатлилар Парвардигор томондан авф этилади. Раҳмдил сўзининг ўзи — грекча eleemon сўзининг таржимасидир. Бу сўз Янги Аҳдда яна фақат бир марта Ибронийларга Мактубда (2:17) учрайди: «Шунинг учун У ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаб қолиши керак эди, халқнинг гуноҳлари учун Худо ҳузурида таважжуҳ қила оладиган марҳаматли ва содиқ Олийруҳоний бўлмоғи лозим эди…». Масиҳ — раҳм-шафқатнинг буюк намунасидир. У биз учун воситачилик қиладиган ва раҳм-шафқат манбаи бўлган Олийруҳонийимиздир. Раҳм-шафқат сўзи Муқаддас Ёзувда тез-тез учраб туради. Масалан, Матто Хушхабарида гап садақа бериш ҳақида кетаётганида, бу сўзнинг эски ибронийча маънодоши (синоними) — chesed, яъни «мурувват, чорасизларга, камбағаллар ва бечораларга ёрдам» маъносини билдиради. Муҳтож бўлган одамга кўрсатиладиган ҳар қандай хайр-саховат марҳаматдир. Биз кўпинча нажот топиш ҳақида гап бораётганда марҳаматни кечирим билан боғлаймиз. Аммо бу сўз аслида жуда кенг маънога эга. Марҳамат — оддий ҳамдардлик ёки ачиниш эмас. Бу ҳаракатдаги ҳамдардлик ва ачинишдир. Бу ҳаракат муҳтож бўлган одам учун қилинади. Раббимиз мурувват ҳақида гапирганда, У ҳақиқий eleemosune ни назарда тутади. У эса фақат худбин жисм, қалбларгина қодир бўлган ўша заиф ҳамдардлик — сохта мурувватга сира ўхшамайди. Бу сохта мурувват хўжакўрсинга қилинган рамзий ҳаракатлар, амалда ҳеч нима келтирмайдиган сукутли ва суст ачиниш билан виждонни тинчлантиради, холос. Мурувват — бу ҳақиқий ҳамдардлик ва пок, холис ёрдам бериш истагидир. Исо аслида ибронийларга бундай деган: «Менинг Шоҳлигим табаалари олмайдилар, лекин берадилар. Улар ҳеч кимга ҳукм ўтказмайдилар, улар муҳтожларга ёрдам бериш учун эгиладилар». Исо уламоларга ва фарзийларга бир одам ҳақида ҳикоя қилиб берди. У одам ота-онасига: «Мен бор бутумни аллақачон Худога ҳайр-эҳсон қилиб бўлдим. Энди ўз қасамимни буза олмайман», — деди. Шу тариқа у ўз ота-онасига моддий ёрдам кўрсатишдан бош тортди. Исо уларга жавоб бериб деди: «Нега сизлар ҳам Худонинг «Ота-онани ҳурмат қил» деган амрини ўзингизнинг урф-одатингизни деб бекор қилдингизлар» (қаранг: Мат. 15:1-9). Ибронийлар бу борада муваффақиятга эришдилар! Улар ҳаттоки ўз ота-оналарига ҳам шафқатсиз эдилар. Мурувват қилиш — оч қолганга нон бериш, муҳаббатга зор одамга муҳаббат бериш, ёлғиз одамга шерик бўлиш демакдир. Мурувват — муҳтожликка оддий ҳамдардлик эмас, балки уни тўлдиришдир. РАҲМ-ШАФҚАТ, АВФ ЭТИШ, МУҲАББАТ ВА АДОЛАТ Раҳм-шафқатли бўлиш нима эканлигини яхшироқ тушуниш учун «раҳм-шафқат» сўзи Ёзувда яқин маъноли сўзларга қандай мос келиши ҳақида фикр юритайлик. Титусга Мактубда шундай дейилган: «Худо бизнинг қилган савобли ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм-шафқати туфайли бизни қутқарди, гуноҳларимизни ювиб, бизни янгидан туғдирди, Муқаддас Руҳ орқали бизга янги ҳаёт ато этди» (Тит. 3:5). Эфесликларга Мактубдан бизнинг билишимизча, «марҳаматга бой» Худо бизни қутқарди. Унинг раҳм-шафқати орқали бизга гуноҳлардан фориғ бўлиш ҳадя қилинган. Демак, кечиримнинг замирида раҳм-шафқат туради. Раҳм-шафқат ва кечирим ажралмасдир. Пайғамбар Дониёр шундай дейди: «Ё Раббимиз Худо, биз Сенга қарши бош кўтарган бўлсак, Сен гуноҳларимизни кечирувчи, раҳмдил Худосан» (Дон. 9:9). Забурнинг 129-саноси раҳм-шафқат ва кечирим бирлигини ажойиб тарзда куйлайди: Эй Худованд, чуқурликлардан Сени чорлаяпман! Ё Раббий, овозимни тинглагин, ёлворишимга қулоқларинг диққат қилсин! Ёҳу Раббано! Сен гуноҳларни ҳисобга олсанг, ким ҳам тура олар экан? Бироқ, Сен кечиримлисан; шу сабаб эл Сендан қўрқсин. Худовандга умид боғладим, жоним билан умид боғладим, Унинг амрига мунтазирман. Қоровулнинг саҳарни кутишидан кўра, посбоннинг тонгни кутишидан кўра, жоним Раббимга кўпроқ мунтазирдир. Исроил Худовандга умид боғласин! Худованд раҳм-шафқатлидир, жон исқотини Ўзи мўл беради. Ўзи фориғ қилади Исроилни барча гуноҳларидан. Забур 129:1-8 Бу ерда одам ўз гуноҳи учун тавба қилади, кечирим қидиради ва кечирим мурувват манбаидан келиб чиқишини билади. Кечиримни ўз манбаи — раҳм-шафқатдан ажратиб гапириб бўлмаганлиги каби, кечиримда ифодаланмайдиган раҳм-шафқатни ҳам тасаввур қилиш қийин. Бироқ кечирим — раҳм-шафқатнинг ягона ифодаси эмас. Биз кечиримни раҳм-шафқат ўрнида қабул қила олмаймиз. Раҳм-шафқат кечиримдан қудратлидир. Қуйидаги бешта оятга қарайлик: «Сенинг иноятинг билан тўладир ер юзи…» (Заб. 118:64); «Мен, қулингга кўрсатган садоқатингга, иноятингга лойиқ эмасман…» (Ибт. 32:10); «…Унинг инояти буюкдир…» (2 Шоҳ. 24:14); «Бироқ Сен, Ўзингнинг буюк иноятинг туфайли уларни саҳрода қолдирмасдинг…» (Неем. 9:19). «Менга қулоқ бергин, эй Худованд! Сенинг лутфу караминг беқиёс, раҳмдиллигинг эса беҳисоб экан, менга эътибор бергин» (Заб. 68:17). Кечирим — бу марҳаматнинг бир кўриниши, холос. Аммо марҳамат кўрсатишнинг жуда кўп бошқа йўллари ҳам бор. Мана Ермиёнинг Йиғисидан олинган Худо марҳаматини куйлашнинг, эҳтимол, энг ажойиб намунаси: «Эгамнинг чексиз севгиси бўлмас ҳеч адо, Унинг марҳаматлари тугамас асло. Ҳар куни эрталаб улар янгиланар, Буюкдир Худонинг садоқати!» (Йиғи. 3:22-23). Марҳамат ва муҳаббат ҳақида нима дейиш мумкин? Уларнинг ўртасида қандай муносабат бор? Биз кечиримнинг марҳаматдан келиб чиқиши ҳақида айтиб ўтдик. Марҳамат-чи, у нимадан келиб чиқади? Муҳаббатдан. Худо нега шунчалар марҳаматли? «Аммо марҳаматга бой Худо Ўзининг улкан муҳаббатини бизга кўрсатди…» (Эфес. 2:4). Кетма-кетликни кўряпсизми? Худо севади ва Унинг севгиси мурувватли. Унинг марҳамати эса бошқа кўп эзгуликлар билан бир қаторда кечирим ҳам ҳадя қилади. Бироқ муҳаббат раҳм-шафқатдан кучлироқ. Раҳм-шафқат кечиримдан каттароқ. Лекин муҳаббат раҳм-шафқатдан кучлироқ. Чунки муҳаббат нафақат раҳм-шафқатда, балки кўп нарсаларда ҳам ифодаланади. Раҳм-шафқат қандайдир муаммолар мавжудлигидагина намоён бўлади. Муҳаббат эса ҳеч қандай шартларсиз ҳаракат қилади. Масалан, Ота раҳм-шафқатга зор бўлмаган Ўғилни яхши кўради. Ота фаришталарни яхши кўради, фаришталар эса Отани яхши кўради. Улардан биронтаси ҳам раҳм-шафқатга муҳтож эмас. Раҳм-шафқат — бу табиб, муҳаббат — бу дўст. Муҳаббат яқинликдан, ёқтиришдан қелиб чиқади. Раҳм-шафқат эса зарурликдан ҳаракат қилади. Муҳаббат доимий. Раҳм-шафқат зарур бўлган ҳолатларга асраб қўйилади. Муҳаббатсиз раҳм-шафқат бўлмайди. Кўряпсизми, Парвардигорнинг буюк севгиси бизга раҳм-шафқат кўринишида қуюлади! Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Биз тақводор бўлган эканмиз, раҳм-шафқатга зор ҳам эмасмиз. У бизни барибир севади. У бизни мангуликда — раҳм-шафқат бизга умуман керак бўлмайдиган вақтда ҳам севади. Аммо бу ҳаётда муҳаббат бизга раҳм-шафқат кўринишида қуйилади. Раҳм-шафқат эса ўз навбатида кечиримга олиб боради. Раҳм-шафқат ва марҳамат бир-бири билан қандай муносабатда? Ҳозир сизга ҳақиқий илоҳиёт дарси берилади, шундай экан, диққат қилинг. Раҳм-шафқат сўзининг ўзи барча ясама сўзлар билан бирга доимо дард, азоб-уқубат ва муҳтожлик олиб келадиган муаммолар мавжудлигини тахмин қилади. Аммо марҳамат бевосита гуноҳ билан боғлиқдир. Раҳм-шафқат белгилар ва ташқи кўринишлар билан алоқа қилади, марҳамат эса — муаммолар билан. Раҳм-шафқат жазодан халос бўлишни таклиф қилади; марҳамат эса — жиноят учун кечиримни. Бошида марҳамат келади, чунки у гуноҳни бартараф қилади. Шундан кейин раҳм-шафқат жазони бекор қилади. Мурувватли самариялик ҳақидаги масалда раҳм-шафқат азоб-уқубатларни енгиллатади. Марҳамат раҳм-шафқатнинг намоён бўлишига имкон яратади. Раҳм-шафқат салбий томондан иш кўради, марҳамат эса уни ижобий томонга айлантиради. Раҳм-шафқат оғриқни бартараф қилади. Марҳамат эса инсон ҳолатини бутунлай яхшилайди. Раҳм-шафқат: «Ҳеч қандай дўзах йўқ», — дейди; марҳамат эса: «Самолар», — дейди. Раҳм-шафқат: «Мен сенга ачинаман», — дейди, марҳамат эса: «Мен сени кечираман», — дейди. Демак, раҳм-шафқат ва марҳамат бир ажойиб нишоннинг икки томонидир. Худо ҳам унисини, ҳам бунисини таклиф қилади. Раҳм-шафқат ва адолат-чи? Одамлар: «Агар Раббий адолатли бўлса, У қандай қилиб мурувватли бўла олади?» — дейдилар. Агар сиз бунга айнан шундай қарасангиз, яъни Раббий адолатли, муқаддас ва тақводор бўлса, У одил ҳукмдан воз кеча оладими? У: «Мен сенинг гуноҳкор эканлигингни биламан ва сени жуда кўп ёвузликлар қилганингни ҳам биламан. Аммо Мен шундай мурувватлиманки, сени кечираман», дея оладими? Шундай бўлиши мумкинми? Ҳа, мумкин. Нима учун? Чунки У дунёга тана ичида келди, хочда ўлди ва бизнинг гуноҳларимизни Ўзининг елкасида олиб кетди. У бизнинг гуноҳларимиз учун ҳақни тўлиқ тўлади. Исо хочда ўлган пайтда адолат талаблари қондирилди. Раббий, қон тўкилмай кечирим бўлмайди, деди. У яна бутун дунёнинг гуноҳларини ўз устида олиб кета оладиган мукаммал қурбонлик зарурлигини айтди. Исо ана шундай қурбонлик бўлди. Одиллик талаблари бажарилди. Раҳмшафқат адолатга зарар етказмайди. Худо раҳм-шафқати ҳақида сўз кетганда, мен гуноҳни оқлайдиган қандайдир аҳмоқона раҳмдилликни назарда тутмайман. Бусиз ҳам бугунги кунда жамоатда шунга ўхшаш воқеалар кўп содир бўляпти. Қилинган гуноҳ учун жазо берилганда Худо бир мартагина Ўз мурувватини ёғдирди. Аммо одил ҳукмдан қочишга ва қилган ишлари учун одамларни интиқомдан халос қилишга уринадиган сохта, сентиментал мурувват ҳам бор. Шоҳ Шоул Агага шоҳига раҳм-шафқат қилди (қаранг: 1 Шоҳ. 15). Бу Худонинг муқаддаслиги учун ҳақорат эди. Довуд сохта мурувват кўрсатиб, Абусаломни қўйиб юборди. Бу билан унинг юрагига зиддият уруғларини сочди (қаранг: 2 Шоҳ. 13). Бу ҳақда унутиш керак эмас. Забурчи шундай дейди: «Иноят ва ҳақиқат учрашгай, адолат ва тинчлик ўпишгай» (Заб. 84:11). Худо ҳеч қачон раҳм-шафқат учун Ўз ҳақиқати ва Ўз муқаддаслигини қурбон қилмайди. У фақат одил ҳукм тантанасидан сўнггина раҳм-шафқат кўрсатади. Агар Абусалом Худо олдида тавба қилганда ва ўзини тийганда эди, у раҳм-шафқатни англаган бўларди. Аммо бундай бўлмади. Чунки унинг юраги қайсар ва итоатсизлигича қолган эди. Бизнинг жамоатларимизда гуноҳ билан яшайдиган ва ҳатто гуноҳга қарши курашишга ҳаракат қилмайдиган одамлар бор. Аммо улар Худодан мурувват кутадилар. Ёқуб улар ҳақида нима деганига қулоқ тутинг: Кимки Илоҳий Қонуннинг ҳамма моддаларига риоя қилса-ю, фақат бир нарсада гуноҳ қилса, у бутунлай гуноҳкор бўлиб қолади. Чунки Худонинг «Зино этма» дегани айни замонда «Одам ўлдирма» дегани ҳамдир. Агар сен зино қилмасангу, аммо одам ўлдирсанг, барибир Худо Қонунини бузган бўласан. Сизлар Худонинг эрк берадиган Қонуни бўйича ҳукм қилинувчилар каби гапиринглар ва ҳаракат қилинглар. Чунки ҳукм шафқатсизга шафқатсиздир. Шафқат эса ҳукмдан устун келади. Ёқуб. 2:10-13 Ким Масиҳ ҳақиқатини ва қурбонлигини инкор қилса, бундайларни раҳм-шафқатсиз ҳукм кутади. Бу ерда ортиқча раҳмдилликка ўрин йўқ. Агар сиз оқибатлари ҳақида ўйламай гуноҳ қилсангиз ва Исо Масиҳга тавба қилсангиз, Худо сизга раҳмдил бўлишга, сизни қабул қилишга ваъда бермайди. Бундай ҳолда сизни раҳм-шафқатсиз ҳукм кутади. РАҲМ-ШАФҚАТ МАЪНОСИ Демак, раҳм-шафқат — мутлақо бошқача тушунчадир. Раҳм-шафқат кечиримдан устундир, аммо севгидан пастроқ ва марҳаматдан фарқ қилади. У адолат билан ажралмасдир. Раҳм-шафқатли инсон ёвуз одамларнинг ҳақоратли гапларини фақатгина эшитибгина қолмай, балки уларга ҳамдардлик билан қарайди. Мурувватли доимо раҳмдил ва кечиришга тайёр. Унинг юраги мурувватли ва севгучидир. У гуноҳдан кўз юмиб кетиши ёки гуноҳ қилган одам ғамгин кўрингани ёки фожеа қилиб кўрсатаётгани учун, уни жазосиз қолдириш даражасида раҳмдил эмас. Довуд шундай деб ёзган: «Фосиқ қарз олиб уни тўламайди, солиҳ эса муруввату саховат кўрсатади» (Заб. 36:21). Агар менинг ўғлим ёнимга келса ва: «Ота, мен ёмон иш қилдим. Бундан жуда пушаймондаман» деса, мен унга мурувват кўрсатаман. Аммо мен болаларимга ҳали болаликларидаёқ шундай деганман: «Агар мен сизнинг ёлғон гапирганингизни ёки ёмон ишингизни тан олмаганингизни билиб қолсам, мендан шафқат кутманг. Сиз жазо оласиз». Лут ўз тоғасига етказган жабру зулмига қарамай, уни асирликдан озод қилган ва унга мол-мулкини қайтариб берган Иброҳим мурувватли бўлган. Ўз акалари томонидан етказилган жуда кўп машаққатларни кечириб, уларни яхши қабул қилган ва эҳтиёжларини қондирган Юсуф ҳам мурувватли эди. Марям Мусога қарши чиққан ва бу учун Раббий томонидан жазоланган. У мохов касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Шунга қарамасдан, Мусо Эгамиздан унга шифо беришини ялиниб сўраган. Мусо мурувватли бўлган (қаранг: Саҳ. 12:13). Икки маротаба Шоулга раҳм-шафқат қилган ва унинг жонини асраб қолган Довуд мурувватли эди (1 Шоҳ. 14, 26). Мана, 108-санода юрагида меҳр, раҳм-шафқат бўлмаган одам ҳақида нима дейилган: «Оталари айбларини Худованд ёдга олсин, оналари гуноҳларидан кечмасин. Доим Худованднинг ўнгида бўлсин айби, ер юзидан супуриб ташласин хотирасини» (Заб. 108:14-15). Нима учун? Нима сабабдан шунчалар қаттиқ жазо? Жавоб мана бундай: «Улар-ку бечораю фақирни таъқиб қилди, илтифот кўрсатмоқни ҳеч ўйламади, дилабгорларни ўлдирмоққа қасд қилди» (Заб. 108:16). Ҳамма нарсани ушлаб ўзига тортадиган одам эмас, ёрдам қўлини чўзадиган мурувватлидир. Худо бизнинг жамиятимизни тўлдирган, ёвузликларга қарши туришга ёрдам беради. Яна У бор нарсамизни беришга чорлаётган Унинг овозини эшитишга имкон беради. Агар бизни кимдир хафа қилса, биз раҳм-шафқатли, ҳамдард ва олийжаноб бўламиз. Мободо кимдир хато қилса, ёки нотўғри қораласа, ёки қарзларини қайтармаса, марҳаматли бўламиз. Биз Осмон Шоҳлигининг ўғилларига тааллуқли хусусиятларни намоён қилишимиз керак. Сулаймон шундай деб ёзган: «Раҳмдил ўз жонига манфаат келтиради, бағритош эса ўзига зарар етказади» (Ҳикм. 11:17). Сиз чиндан ҳам бахтсиз бўлишни истайсизми? Унда шафқатсиз бўлинг. Бахтли бўлишни хоҳлайсизми? Раҳмдил бўлинг. Ҳикматлар Китобида шундай дейилган: «Солиҳ ҳайвонга ҳам меҳрибонлик қилади, фосиқнинг раҳмдиллиги ҳам золимликдир» (Ҳикм. 12:10). Тақводор одам ҳайвонларга ҳам шафқатли; бағритош одам эса ҳаммага раҳмсиз. Бетавфиқ ва фосиқларнинг фарқли хусусиятларини билишни истайсизми? Римликларга Мактубда шундай дейилган: «Улар турли ҳақсизлик, зино, ёвузлик, тамагирлик ва гина-қудратга тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар. Улар тили аччиқ, туҳматчи, худобезор, дилозор, кибрли, мағрур, бадният, ота-онага итоатсиз, андишасиз, бевафо, илтифотсиз, муросасиз ва бераҳмдирлар» (Рим. 1:29-31). Бу — бизнинг жамиятимиз бутунлай шафқатсиз деганими? Ҳа, шунга ўхшайди. Аммо биз, авф этилганлар, қандай қилиб мурувватли бўлмаймиз? Биз нимага лойиқмиз? Агар биз ўзимиз Худо мурувватига шунчалар зор бўлсак-у, қандай қилиб кимларгадир шафқатсиз бўла оламиз? Ана энди биз фикр-қарашларимизнинг навбатдаги босқичига келдик: Худо — бизнинг мурувватимиз манбаидир. МУРУВВАТ МАНБАИ Худо мурувват манбаидир. Фақат У ҳузур-ҳаловатнинг биз кўриб чиққан тўртта амрини қабул қилган ва уларга риоя қиладиганлар учун мурувват манбаидир. Умуман олганда мурувват инсон табиатига хос эмас. Баъзида биз яхшиликка яхшилик билан жавоб берамиз. Аммо бу биз учун одат эмас. Ҳақиқий мурувватга элтувчи ягона йўл — Худодан мурувватни қабул қилишдир. Уни ўзимизда асраб қолишнинг ягона йўли эса — Масиҳ тақводорлигини қабул қилишдадир. Бу ҳақда Исо гапирган. Биз қачон ҳузур-ҳаловат амрларининг ҳамма йўлини босиб ўтсак ва тақводорликни жуда истайдиган ва унга ташна бўлган жойга етиб борсак, шундагина биз мурувват нима эканлигини билиб оламиз. Одамлар бахтни излашади. Аммо ўзларини Худога бағишлашни хоҳламайдилар. Улар сохта пайғамбар Баломга ўхшаб кетадилар. У шундай деган: «Қумдай саноқсиз бўлган Ёқуб наслини ким санаб чиқар?! Исроилнинг чорагини ким ҳисоблаб чиқа олар?! Мен ҳам тўғри одам каби оламдан ўтай, Илойим, бўлсин уларникидай охиратим бахайр» (Саҳр. 23:10). Бир пуритан муаллиф буни шундай изоҳлаган: «Балом тақводорлар каби ўлмоқчи бўлди. Аммо у тақводор сифатида яшашни хоҳламади». Фақат Муқаддас Худога қайғули юрак ва руҳан камбағаллик билан келганларга, Унинг адолатини ахтарадиганларгагина мурувват ҳадя қилинади. Мана забурчи нима дейди: «Осмон ердан қанчалик юксак бўлса, Ундан қўрққанларга инояти шунчалик кўпдир…» (Заб. 102:11). Биз Парвардигордан қўрқамиз. Биз Масиҳ ҳузурига келамиз. Шунда Худо бизга ўз мурувватини ҳадя қилади. Мана нега Раббий шундай дейди: «Шундай қилиб, Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар» (Лк. 6:36). Бу борада ҳеч нарса Хоч билан тенглаша олмайди. Фақат Хочда Худо муруввати тўла намоён бўлди. Шунингдек, фақат Унда Масиҳнинг марҳаматли ва содиқ Олийруҳоний сифатидаги вазифаси бажарилди (қаранг: Ибр. 2:17). Доктор Доналд Грей Барнхаус бу ҳақда шундай дейди: Исо Масиҳ хочда ўлганда, Худонинг инсониятни қутқариш борасидаги ишлари башоратлар жабҳасидан тарихий далиллар тоифасига ўтди. Худо бизга ўз мурувватини кўрсатди. Энди: «Раббий, мени кечир» деб ибодат қиладиган ҳар бир одам аслида Ундан Масиҳнинг қурбонлигини такрорлашни сўрайди. Масиҳ ўлганда, Худо Инсониятга Ўзининг бор мурувватини битта ҳам қолдирмай ёғдирди. Унинг бошқа ёғдирадиган ҳеч нимаси йўқ. Ва энди У бизга марҳамати бўйича муносабатда бўла олади. Чунки Унинг муруввати бизга ортиғи билан ёғилди. Баракатли чашма қайнаб чиқишда давом этяпти. Унинг суви ҳеч қачон тамом бўлмайди[11]. МУРУВВАТНИНГ МОҲИЯТИ Мурувватли бўлиш нима дегани? Ушбу саволга Муқаддас Ёзувдан олинган кўплаб парчалар жавоб беради: Мат. 5-5; Рим. 15; 2 Кор. 1; Гал. 6; Эф. 4; Кол. 3. Уларнинг ҳар бирида биз мурувватли бўлишимизга даъват янграйди. Қандай қилиб шундай бўлишимиз мумкин? Моддий мурувват кўрсатиш мумкин. Масалан, камбағалга пул бериш, очнинг қорнини тўйдириш, яланғочни кийинтириш, уйи йўққа бошпана бериш. Эски Аҳдда мурувват кўрсатиш ҳақидаги мисоллар жуда кўп. Мурувватли одам зулмни эслаб юрмайди, ҳеч қачон ўч олмайди, ҳеч қачон ўзгаларнинг камчиликларини дастурхон қилиб ёзмайди, ҳеч қачон бошқаларнинг камчиликларини овоза қилиб юрмайди. Авлиё Августин одамларга шундай мурувватли эдики, у хоҳлаганларнинг ҳаммасини уйига таклиф қиларди. Уларни тўкин дастурхон ёзилган ажойиб ошхонасига етакларди. Айтишларича, унинг столининг устига қуйидаги сўзлар ўйиб ёзилган эмиш: «Кимга ўз яқинининг номини булғаш ёқса, ундай одам яхшиси бу столнинг ёнига келмасин ва рўза тутсин»[12]. Кекчилар, такаббурлар, эҳтиёткорлар ва фақат ўзи ҳақида ўйлайдиганлар руҳоний ва ўша левийга ўхшайдилар. Улар қандай қилиб бўлса ҳам ярадор кишидан узоқроқ бўлиш учун йўлнинг нариги томонига ўтиб олганлар. Ярадорга эса кейинроқ самариялик ёрдам берган. Руҳий мурувват кўрсатиш мумкин. Биз одамларнинг руҳий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилишимиз мумкин; биз уларга ҳамдардлик билдиришимиз, уларни фош қилишимиз, улар учун ибодат қилишимиз ва уларга ваъз билан мурожаат қилишимиз мумкин. Биринчидан, биз одамларга ҳамдардлик кўрсатишимиз мумкин. Авлиё Августин шундай деган: «Агар мен танани тарк этган жон устида йиғласам, Худо тарк этган руҳ ҳақида қандай қилиб йиғламаслик мумкин?!»[13]. Биз жонсиз тана устида дарёдай кўз ёши тўкамиз. Руҳ-чи? Руҳ билан иш қандай? Биз бу одамларнинг руҳлари ҳақида ҳам мотам тутамизми? Агар мен тақвосиз яшаган масиҳий бўлсам-у, аммо руҳан камбағал ҳолатида юрсам; агар мен ўзимни айбдор деб тан олсам ва ўз гуноҳларимга аза очиб Худо олдида турсам; агар мен камситилган, ночор ва беозор бўлсам; агар мен ўзимнинг қўлимдан келмайдиган нарсани жуда истасам ва унга ташна бўлсам ва буларнинг баридан сўнг чексиз Худо юрагидан марҳамат ва ҳамдардлик олсаму, аммо бу тортиқни ўзгалар билан бўлишмасам, унда қани бу ерда мантиқ? Мен тошбўрон қилиниб жон бераётган Стефаннинг ибодатини эшитаман: «…Ё Раббим Исо, бу гуноҳни уларга қўйма!» (Ҳав. 7:60). Стефан унга азоб берганларнинг руҳига ачинган. Сиз ҳам, мен ҳам адашган одамларга ачиниш билан қарашимиз, ўзимизни яхшироқ деб ҳисоблаб гердаймаслигимиз керак. Иккинчидан, биз фош қилишимиз мумкин. Бизга: «…ўзига қарши турганларга юмшоқлик билан йўл-йўриқ берсин. Балки Худо бундай кишиларнинг тавба қилишларига бирон йўл очиб қолар…» (2 Тим. 2:25), деб буйруқ қилинган. Фош қилмоқ — бу Худо одамларга кечирим ҳадя эта олиши учун уларнинг кўзлари очилиши керак дегани. Павлус Титусга шундай деб ёзган: «…Улар соғлом имонни топсин ва бунинг учун сен уларни қатъий огоҳлантириб қўй…» (Тит. 1:13). Агар мен очиқчасига гуноҳкорни танқид қилсам, унинг руҳига ғамхўрлик қилган бўламан. Бунда мени эътиборсизликда айблаш мумкин эмас. Чунки бизга баъзи одамларни «…жазодан олиб қочиб…» (қаранг: Ибр. 2:3) қутқариш буюрилган. Бунда бағритошликдан асар ҳам йўқ. Бунда фақат севги намоён бўлади. Мурувват фош қилади. Гуноҳга қарши турмасдан ўзининг гуноҳкор эканлигини англашга эришиш мумкин эмас. Учинчидан, биз ибодат қилишимиз мумкин. Имонсизларнинг руҳлари учун ибодат қилиш ҳам мурувватдир. Биз адашганлар учун ибодат қиламизми? Ўз яқинларимиз учун-чи? Бизнинг ибодатимиз — бу мурувватнинг намоён бўлишидир. Чунки у Худо марҳаматининг ёғилишига имкон беради. Ва ниҳоят, биз ҳақиқатни тарғиб қилишимиз мумкин. Инжилни тарғиб қилиш — сиз ҳалок бўлаётган руҳларни қутқариш учун қиладиган ишларингиздан энг мурувватлиси, деб ҳисоблайман. Шундай қилиб, бизнинг мурувватимиз ҳамдардликда, фош қилишда, ибодатда ва ҳақиқатни тарғиб қилишда намоён бўлиши мумкин. МУРУВВАТНИНГ ОҚИБАТИ Мурувватнинг оқибати — мурувватга эга бўлишдир. Нақадар ажойиб! Бу ажралмас халқани кўряпсизми? Худо бизга Ўз мурувватини кўрсатади, биз мурувватли бўламиз. У бизга ундан ҳам каттароқ мурувват ҳадя қилади. Эски Аҳднинг айтишича, Худо мурувватлиларга мурувватли бўлади (2 Шоҳ. 2:26). Худди шу фикрни ҳаворий Ёқуб бирмунча бошқача ифодалайди: «…Чунки ҳукм шафқатсизга шафқатсиздир. Шафқат эса ҳукмдан устун келади» (Ёқуб. 2:13). Айнан шу тўғрида Забурнинг 17-саносида ва Ҳикматлар Китобининг 14-бобида ҳам сўз юритилган. Аммо ҳозир биз бир-биримизни хавфли бир адашишдан асраб қолишимиз керак. Баъзи одамлар нажот топишга йўл раҳм-шафқат орқали ўтади, деб ўйлашади. Бу янглиш фикр рим-католик жамоатига хосдир. У, агар биз эзгу ишлар қилсак, Худо биздан мамнун ва бизга мурувват ҳадя этади, деб ишонтиради. Бу ғоя монастирларнинг ва улар билан боғлиқ нарсаларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Аммо нажот топишнинг йўли бунақа эмас. Биз раҳм-шафқатни қозона олмаймиз. Раҳм-шафқат ҳеч қандай хизмат йўқ жойда қуюлади. Бўлмаса уни раҳмшафқат деб атаб бўлмайди. Фақат Раббийдан мурувват олганларгина мурувватли бўладилар. Фақат кечирим олганларгина бошқаларни кечирадилар. Агар сиз мурувватли бўлсангиз, сиз Худо фарзанди эканлигингизга гувоҳлик берасиз. Шунинг учун ҳар гал сиз гуноҳ қилганингизда Худо сизни кечиради. Ҳар гал муҳтожлигингизда Раббийдан ёрдам сўраганингизда, У сизга ёрдам беради. У сизга ғамхўрлик қилади. У мурувват кўрсатганларга Ўз мурувватини ортиғи билан ёғдиради. Чунки У Ўз мурувватини мурувватли Парвардигордан олган. Сиз мурувватлимисиз? 8-боб. «Покдил бўлганлар бахтлидир…» (Мат.5:8) Муқаддас Китобнинг айрим ҳақиқатлари ўрганишга осонроқ, айримлари эса қийинроқ эканини биламиз. Аммо бу ҳақиқатларнинг айримлари тубсиз қудуқ сингари чуқур, маъноси чексиз ва англаб олишнинг имконияти йўқдай туюлади. «Покдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар Худони кўрур». Айрим одамларга балки бу оятни бир бобда кўриб чиқиш қўполлик бўлиб туюлар. Ёки Худо Каломининг куч-қудратини ҳақоратлаш деб билишар, аммо бу Муқаддас Китобнинг буюк ҳикматларидан биридир. У Муқаддас Ёзувнинг барча ҳақиқатларидан устундир. Юрак поклиги Худо билан шахсан учрашув шарти сифатида улуғвор, туганмас мавзудир. Бу мавзу бутун Муқаддас Китоб бўйлаб қизил ип бўлиб ўтади. Албатта, англаш қийин нарсалар мавжуд. Аммо мен Раббийдан энг асосий фикрларни ўзлаштиришимга ёрдам беришини сўрайман. Мен жавобни баъзи бир воқеаларни очиб берадиган саволлардан бошлаш керак, деб ҳисоблайман. УШБУ СЎЗЛАРНИ ИСО ҚАНДАЙ ШАРОИТДА АЙТГАН? Бу сўзларнинг ҳузур-ҳаловат амрлари доирасида тарихий кўриниши ва хронологик жойлашиши қандай? Мен учун покдиллик ҳақидаги ушбу оят шунчалик муҳимки, бир қарашда уни бошқа оятлар билан бир қаторга қўйилиши бирмунча ғалатироқ, ҳаттоки англашилмовчиликдай бўлиб туюлади. Нега бу оятга янада қулайроқ жой ажратилмаганига мен тушунмайман. Масалан, ваъзнинг бошида ёки охирида. Шундай қилиб, ишни бу сўзлар айтилган тарихий муҳитдан бошлаймиз. Биз Масиҳ даврида Исроилда сиёсий вазият қандай бўлганлигини анча яхши биламиз. Шунинг учун биз ҳозир Исроил халқининг ўша даврдаги руҳий ҳолатига мурожаат қиламиз. Умуман олганда, бутун Тоғдаги ваъз шу муаммога бағишланган. 8-оят эса бу ваъзнинг марказидир. Ўша даврда жуда катта таъсир кучи ва ҳукмронликка эга бўлган фарзийларнинг оғир юкидан Исроилнинг қадди букилган эди. Фарзийлар шафқатсиз, миллатни маънавий жиҳатдан эзадиган қаттиқ қонунпарастлик тизимини яратганлар. (Қонунпарастлик тизими маънавият тушунчасига оид ҳамма нарсаларни шундай қаттиққўл даврага киритадики, у ўз хусусиятлари билан чексиз ҳукмронлигини ўрнатади). Фарзийлар Мусо қонунини буздилар. Улар янги қонунлар ўйлаб топдилар. Бу қонунлар фарзийларга Худо қонунларини бажармаган ҳолларда анъаналарга риоя қилиш орқали ўз виждонларини тинчлантиришга ёрдам берарди. Қаттиққўл қонунпарастлик тизими остидаги халқ унинг талабларини бажара олмасди. Йўлбошчиларнинг ўзлари, агар одам ҳеч бўлмаганда бир нечта амрга риоя қила олса, Парвардигор унга марҳаматли бўлади, деб ҳисоблаганлар. Уларнинг қўлларидан келгани шу эди. Улар, агар ҳеч бўлмаганда битта амрни бажарсак ҳам, Худо бизни тушунади, деган қарорга келганлар (ана шундан Маттонинг 22:36 даги тафсирчининг саволи келиб чиққан). Шундай қилиб, халқ ушбу қонунларнинг бутун оғирлигидан эзилган эди. Бу қонунларни бажара олмагани учун ҳам халқнинг қалбида чуқур айбдорлик ва хавотирлик туйғуси туғиларди. Аммо Исроилда Худога садоқатли, Худо амрлари орқали Ўзини намоён қилади, деб ишонадиган одамлар бор эди. Мен ўйлайманки, айнан ана шу вазият Яҳё Пайғамбарнинг муваффақиятли хизматига имкон берди. Гуноҳкорлик юкидан азоб чекаётган ва озод бўлишни истаётган одамлар Яҳёни тинглашга тайёр эдилар. Саҳрода унинг ҳузурига одамлар оломони оқиб кела бошлади. Уларнинг орасида ҳатто фарзийлар ва саддуқийлар ҳам бор эди. Бу одамлар зўр бериб ўзларининг нотинч қалблари учун кечиримни, халос бўлишни ва тасалли топишни қидиришарди. Улар Қутқарувчига, Нажоткорга ташна эдилар. Одамлар ўз елкаларига янги қонунларнинг оғир юкини олишни эмас, балки аллақачон бор бўлганларининг бузилганини кечиришларини кутардилар. Худо қачонлардир одамларга шундай Нажоткорни ваъда қилганини улар эслардилар. Улар Ишаё пайғамбарнинг сўзларини ҳам яхши эслардилар. Ишаё Нажоткор келиши, У қонун бузилишларининг олдини олиши, уларнинг хатоларини тузатиши ҳақида гапирган эди. Худога чин дилдан ишонадиган, Унга итоат этадиган жуда камдан-кам одамларга У келади. Улар Ҳизқиёнинг башоратини билардилар. Бу башорат Раббийнинг келиши, уларни сувда имонга киритиши ва покланишлари ҳақида. Яна Худо ундай одамларнинг жисмларидан тош юракни олади, уларга тана бўйича пок юрак беради. У одамларни қонунсизликлардан халос қилади, гуноҳлардан фориғ этади. Бу одамларга кечирим нима эканлиги яхши маълум эди ва: «Қандай саодатли ундай кишиким, Худованд инобатга олмас айбин, кўнглида эса бирон макр йўқ» (Заб. 31:2) деб, хурсандлигидан йиғлаган Довуднинг сўзлари ҳам маълум эди. Улар бу ҳақда билардилар. Аммо уларнинг жуда камчилиги бу туйғуни ҳис қила олган. Улар мана шундай даҳшатли юк остида нола тортиб яшаганлар. Шунинг учун Яҳё пайғамбар Масиҳнинг, Халоскор ва Нажоткорнинг яқинлашиб келаётганини айтганда, одамлар у томонга интилишди. Аммо у одамларга: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!» — деб хитоб қилганда, улар буни тушунмадилар. Бунинг устига одамлар тавба қилиб, кечиримга эришиш учун жуда тез ҳаракат қила олмадилар. Бундан ташқари, Исони кўрганларида одамларнинг юракларини саросима қамраб олди. Келинг, Юҳанно Хушхабаридаги Никодимга эътиборимизни қаратайлик. У фарзийлар мазҳабида эди. Аммо шу билан бир қаторда, у ростгўй ва самимий одам эди (ўйлашимча, айнан унинг самимийлиги ва ростгўйлиги Исонинг олдига келишига сабаб бўлди). Агар Исонинг сўзлари ҳақиқат бўлса, Унинг аҳволи қанчалар хавфли эканлигини Никодим биларди. Грекча матнда уни тасвирлаш учун ифодали воситалардан фойдаланилган: Никодим Исроилнинг устози, бошлиқ ва илоҳиёт қонунларининг кучли билимдони эканлиги таъкидланган. Аммо Никодимнинг юраги хавотирга тўла эди. У Исонинг олдига келди ва Унга шундай деди: «Устоз! Сен Худодан келган бир муаллим эканингни биз биламиз, чунки ҳеч ким, агар Худо у билан бўлмаса, Сен қилаётган мўъжизаларни қилолмайди» (Юҳ. 3:2). Никодимнинг бу сўзлари бизга унинг мақсадлари ва интилишларини очиб беради. У Худонинг элчисини топди. Унинг юрагида шундай савол алангаланарди: «Сенинг Шоҳлигингга кириш учун, Худо фарзанди бўлиш учун, гуноҳлардан фориғ бўлиш учун мен қандай тақводор бўлишим мумкин?» Никодим бу саволни овоз чиқариб айтмади. Унда бундай имконият йўқ эди. Аммо Исо унинг фикрларини биларди. 3-оятда шундай дейилган: «Исо унга шундай жавоб берди…» Бу жуда ажойиб эмасми? Баъзида биз савол бермасак ҳам бўлади, чунки Раббий ҳаммасини билади. У фақат жавоб беради. Исо Никодимни ташвишга солган саволга қуйидагича жавоб берди: «Сенга ростини айтай: агар ким юқоридан туғилмаса, Худо салтанатини кўролмайди» (Юҳ. 3:3). Никодим ўз ҳаётига назар ташлади ва ўзига ўзи деди: «Мен биламан, мен фарзийман ва мен қонунни бажаришни хоҳлайман. Мен Исроилнинг устозиман ва бошлиқман. Лекин бу менга камдай туюляпти». У ўзининг гуноҳкорлигини ва қонунни бажариш борасидаги уринишларда ўзининг мағлубиятга учраганини тан олиш учун етарли даражада ростгўй эди. Ўйлашимча, жуда кўп яҳудийларнинг қалбларида ҳам Никодимнинг қалбидаги ҳаяжонлар бор эди, гарчи жамоат йўлбошчилари орасида бундайлар кам бўлса ҳам. Исо жуда ажойиб тарзда беш мингта одамнинг қорнини тўйдирди. Кейинги куни одамлар Ундан сўрашди: «Худога маъқул ишларни бажариш учун нима қилишимиз керак?» Исо деди: «Худога маъқул иш — Худо юборган Зотга ишонишдир» (Юҳ. 6:28-29). Халқ аслида Ундан нима ҳақда сўради? Никодим нима ҳақда сўраган бўлса, улар ҳам шу тўғрида сўрашган эди. «Биз қонунни биламиз. Биз ҳамма урф-одатларни ва маросимларни биламиз. Биз жамоат маросимларидан чарчамадик. Аммо Худога маъқул иш нимадан иборат эканлигини билиш учун биз нима қилишимиз керак?» Улар қандайдир реал нарсани исташган. Улар Шоҳликка қандай кириш мумкинлигини билишни хоҳлаганлар. Чунки қонун талабларини бажариш билан бунга эришиб бўлмасди. Улар буни билардилар. «Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири оёққа туриб, Унга савол берди: «Устоз, абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?» (Лк. 10:25). Яна ўша савол! Ҳа, яна ўша, жуда кўп одамлар жавоб излаган савол. Бу ўша Никодим жавобини билишни истаган савол: мезон қандай? Қонун доирасида Худога ёқишга уринаётган ва ўз ҳаракатларининг бефойдалигини англаган одамни тарк этмайдиган айбдорлик туйғуси ва хавотирликдан қандай халос бўлиш мумкин? ДИЛЕММА: МУҚАДДАС ХУДО ВА ГУНОҲКОР ОДАМ Исо бу дунёга айни қулай пайтда келди. Чунки Унда жавоб бор эди. Гап шундаки, Раббий — муқаддас, мутлақо тақводор ва Унда тамомила бегуноҳ. Раббий гуноҳкор одамга Нажот топишни таклиф қилади. Гуноҳкор одам эса: «Муқаддас Худо гуноҳкор одамга нажотни ҳадя қилиши мумкинми?» — деб сўрайди. Самимий ва тақводор яҳудий бундай деган бўларди: «Агар мен Парвардигор қонунларини бажара олмасам, қандай қилиб Худо Шоҳлигига кираман?» Бу ерда Исо ҳузур-ҳаловат амрларида жавоб берган савол биринчи ўринга чиқади. Айнан шу савол Жалиладаги ўша тепалик этакларида ўтириб Исо сўзларини тинглаётган одамларни ташвишга солган (бу ҳақда 5-бобда баён қилинган). У юртнинг ибодатхоналарида таълим бериб, бутун Жалилани айланиб чиққанлигини биз биламиз. У Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилиб, одамлардаги турли касаллик ва дардларни шифолаб юрганини, У ҳақдаги хабар бутун Сурияга ёйилганини ҳам биламиз. Жуда кўп одамлар аллақачон У ҳақда эшитганлар, Уни кўрганлар, Унинг ваъзини тинглаганлар, Унинг мўъжизалари ҳақида билганлар. Уларнинг ҳаммалари битта саволни берганлар. Ҳузур-ҳаловатнинг барча амрларидан фақат шуниси ўша саволга аниқ жавоб бера олади: «Покдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар (фақат улар, autoi) Худони кўрурлар». Сувда чўмдирилганлар бахтли эмаслар; барча маросимларни бажарганлар бахтли эмаслар; жамоатнинг инсоний ишларини тарғиб қилганлар ҳам бахтли эмаслар. Инсонда ўзини атрофдагилар билан таққослаб ўзига баҳо бериш одати бор. Коринфликларга иккинчи мактубда (11-боб) ўзлари учун ўзлари баҳолаш мезонлари бўлган сохта ҳаворийлар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу борада фарзийлар жуда катта муваффақиятларга эришганлар: агар сиз ўз руҳий хусусиятларингизни ёки ўз ахлоқий қиёфангизни, ўзингизнинг виждонлилигингизни, саховатпешалигингизни баҳоламоқчи бўлсангиз, ўзингиздан ёмонроқ одамни топинг. Шунда ҳаммаси жойида бўлади. Фарзий туриб, ўзича шундай ибодат қилибди: «Ё Худо! Мен бошқа одамлардай талончи, жиноятчи, зиногар ва ҳатто шу солиқчи сингари бўлмаганим учун Сенга шукр айтаман» (Лк. 18:11). Фарзий ўзини пастроқ, ёмонроқ ва ўзидан жирканчроқ одам билан таққослаган. Хато шундаки, агар одам ўзига баҳони ўзидан ёмонроқ одам билан қиёслаш орқали берса, бу баҳолашнинг мезонлари пасаяди. Шунда одамлар ичидан энг ёмони намуна бўлади. Худо Ўзига маъқул бўлган хулқнинг мезонини белгилаганда, У бизнинг қандайдир жирканч солиқчи ва ярамас одамдан яхшироқ бўлишимиз кераклигини айтмаган. У шундай деган: «Агар сиз Худони кўрмоқчи бўлсангиз, пок юракка эга бўлишингиз керак». У Ўз ваъзини қуйидаги сўзлар билан якунлаган: «Шундай қилиб, осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар» (Мат. 5:48). Танҳо ҳукмдор, муқаддас, тақводор ва жаҳоннинг ягона Худосининг мезони ана шунақа. Шоҳликка ким киради? Самоларга ким кўтарилади? Ким Худо олдига боришга лойиқ? Ким нажот топади? Ким Худони кўришга лойиқ? Ким Унинг фароғатини англай олади? Фақат юраги покларгина бунга эришадилар. Агар эҳтиёж учун зарур бўлган идишлар, кружкалар, қозонлар, қўл ва ўтирғичлар ювилмаса, фарзийлар ўзларини ёмон ҳис қилардилар. Улар маросимларнинг барчасига қатъий риоя қилганлар. Ялпиз, арпабодиён ва зирадан ушр бериш талабини қатъий бажарганлар. Улар то қўлга киритган нарсаларининг ҳаммасидан ўн қисмини бермагунларича, тиниб-тинчимаганлар. Аммо улар севги, мурувват каби тушунчаларга умуман бефарқ бўлганлар. Исо уларни фош қилди: «Эй уламою фарзийлар, сиз мунофиқларнинг ҳолига вой! Сизлар косаю лаганнинг сиртини тозалайсиз, аммо уларнинг ичи ўғрилик ва баднафсликка тўлиб-тошиб ётибди…» (Мат. 23:27). Раббий Ўзининг биргина гапи билан уларнинг юзидаги мунофиқона ниқобини юлиб ташлаган. ҲУЗУР-ҲАЛОВАТ АМРЛАРИНИНГ МАНТИҚИЙ КЕТМА-КЕТЛИГИ Агар бу тушунчалар муҳим ва аҳамиятли амр бўлса, нега у бошқа амрлар қаторида шундай ўринни эгаллайди? Шубҳасиз, албатта уларнинг биронтасини камситиб бўлмайди. Чунки уларнинг барчаси жуда муҳим. Уларнинг биронтасини ҳам бу рўйхатдан ўчириб ташлаб бўлмайди. Улар Худонинг фикрлари ривожига мос, худди ажойиб ва улуғвор оқимга ўхшаб бир-бирларига қараб оқадилар. Уларнинг қай бири муҳимроқ эканлигини айтиш қийин. Чунки улар худди бир буюк нарсанинг қисмларидай бир хил муҳимдир. Шоҳликнинг табааси бу талабларнинг ҳар бирига жавоб бера олади. Чунки улардан биронтасини танлаш мумкин эмас. Сиз биринчи қадамни қўйиб ўзингизни руҳан камбағал ҳис қилганингиз заҳоти, қолганлари Худо Руҳи таъсирида ажойиб тарзда амалга ошади. Биринчи етти амр ажиб бирликни ташкил қилади. Биринчи учтаси руҳий қашшоқлик ва тақводорлик ташналиги ҳақида сўз юритиладиган тўртинчи оятга олиб келади. Шунингдек, у эришиш мумкин бўлган олий нуқта, энг баланд чўққи бўлиб туюлади. Сиз руҳнинг қашшоқлигидан бошлайсиз. У эса ўз гуноҳлари ҳақидаги йиғи билан алмашинади. Ўзингизнинг гуноҳкорлигингизни кўриб, итоаткор бўласиз ва Худо олдида беозор бўласиз. Шу дақиқадан бошлаб тақводорлик учун ибодат қила бошлайсиз. Демак, кейинги учта амр, биринчи учтаси уларга йўл очгандан сўнг, тўртинчисидан келиб чиқади. Аммо сиз яна бирор нарсани сезмадингизми? Гап шундаки, амрлар ўртасида қандайдир узвий боғлиқлик мавжуд. Хусусан, биринчи ва бешинчи амрлар, иккинчи ва олтинчи амрлар, учинчи ва еттинчи амрлар ўртасида. Шундай қилиб, фақат ўзларининг нотавон ва ожизликларини англаган руҳан камбағал одамлар (биринчи) марҳамат кўрсатишга ва бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга (бешинчи) тайёрдирлар. Ўз гуноҳларига аза тутиб йиғлаётганлар (иккинчи) пок юракка эга бўладилар (олтинчи). Ва ниҳоят, фақат беозорлар (учинчи) тинчлик ўрнатувчи бўладилар (еттинчи). Ҳузур-ҳаловат амрларининг бу ажойиб ва ғаройиб чамбарчаслиги бизга Худонинг ниятлари ривожини кўрсатади. Ушбу бобда кўриб чиқилаётган амр ваъзнинг бир бутун тузилишига ҳам тарихий, ҳам хронологик жиҳатдан жуда яхши мос тушади. ПОКДИЛ ИНСОНЛАР УЧУН БЕЛГИЛАНГАН ШОҲЛИК Дунёда жамоатнинг фақат икки тури мавжуд. Биринчи тури — бу инсон ишларининг жамоати. У ўзининг жуда кўп кўринишларига қарамай, доимо бир асосга эга: оддий одам ўзини ўзи қутқара олишига бўлган ишонч. Иккинчи турдаги жамоат эса ҳамма нарса Худо иродаси билан амалга ошишига ишонади. Бу жамоатга эътиқод қилган одам шундай дейди: «Мен буни бажара олмайман. Худо буни Масиҳда амалга оширди». Сиз ўз йўлингизни танланг. Инсон ютуқларининг йўли — шайтоннинг сохта йўлидир. Ҳар қандай оломон ичидан самоларга ўз куч-қуввати ва қобилиятлари билан чиқишга тайёр одамлар бўлади. Ўша куни Исо Тоғдаги ваъзини айтганда, атрофига йиғилганлар ичида ҳам шундайлар бор эди. Исо: «Одамлар, Мен афсусдаман. Аммо сиз Худони кўришга тайёр эмассизлар. Сиз ҳеч қачон Менинг Шоҳлигимга кирмайсиз. Чунки у фақат покдил одамларга белгиланган» деб, уларнинг юзларидан ниқобларини юлиб олди. Ўзларини оқлаш учун уларнинг ҳеч нималари йўқ эди. Чунки улар Забурдаги қуйидаги: «Сен кўнгиллардан ҳақиқатни қидирасан, яширин қалбимга ҳикматни ўргатасан» (Заб. 50:8) деган оятни ва забурчининг ушбу сўзларини яхши билардилар: Худовандникидир бутун дунёю уни тўлдирган борлиқ, Ер юзию барча унда яшовчилар. У денгизлар узра ерни бунёд этган, уммонлар узра уни маҳкам ўрнатган. Худованднинг тоғига ким чиқиб боради? Унинг муқаддас маконида ким тура олади? Кимки қўли ҳалол, кўнгли пок, ёлғон-яшиқ гапга кўнгил боғламас, маккорона қасамёд қилмас экан, у Худованддан баракат топар, Халоскор Худосидан нажот топар. Заб. 23:1-5 Ким Шоҳликка кира олади? Бу амрда Исо 23-санонинг мазмунини қисқа кўринишда баён қилади. Агар яҳудийлар ўзлари улуғлаган севимли пайғамбарлари Ишаёнинг сўзларини эслаганларида эди, улар бу саволга жавобни билган бўлардилар. Мана, Ишаё нима деган: «Билиб қўйинг, Эгангизнинг қўли қисқа эмаски, қутқаролмаса, қулоғи оғир эмаски, эшитмай қолса» (Ишаё 59:1). Агар нажот топмаган бўлсангиз, Унинг қўли сизгача етмагани учун шундай бўлмади. Аммо шаккоклигингиз сизни Эгамдан айирди, Гуноҳларингиз сабаб Унинг юзини кўра олмайсиз, Овозингизни эшиттира олмайдиган бўлдингиз. Қўлларингиз қонга булғанди, Бармоқларингиз айбга ботди, Оғзингиз ёлғонни сўзлар, тилингиз ҳақсизликни гапирар. Ҳеч кимса адолат-чун чақирмайди, Ҳеч кимса ҳақиқат-чун курашмайди. Беҳуда нарсаларга умид қилади, Ёлғон гапиради, фасодга ҳомиладор бўлиб, ёмонлик туғади. Улар илоннинг тухумини босади, Ўргимчак уясини тўқийди, Уларнинг тухумини еган ўлади, Агар босиб олсалар тухумни, Заҳарли илон ўрмалаб чиқади… Чунки Сенга кўп марта исён қилдик, Гуноҳларимиз бизга қарши берар гувоҳлик. Исёнларимиз ҳамон ёнгинамизда, Айбларимизни ўзимиз биламиз. Ишаё 59:2-5, 12 Раббий ҳақида Ишаё пайғамбар мана нима деб ёзган: «Кимса йўқлигини у кўрди, Тарафдор йўқлигидан ҳайратда қолди. Ўз мушаклари Унга ёрдам берди, Ўз ҳақиқати Уни қўллади. Ҳақиқатни қалқондай ўраб олди, Нажот дубулғасин бошига кийди, Қасосни либосдай кийиб олди, Чопон каби рашкка бурканди». Ишаё 59:16-17 Бу Масиҳнинг сурати. Раббий одамларни гуноҳга ботган ҳолда кўрган. Улар Исо замонасидаги одамларга ўхшаб: «Наҳотки ҳеч ким бўлмаса? Ҳимоя қилувчи йўқми?» деб бақирганлар. Масиҳ келиши ва қутқариш кийимини кийиши керак эди. Бу ҳақда Ишаё Китобининг 20-оятида шундай деб ёзган: «Эгамиз шундай айтмоқда: «Қутқарувчи Сионга Ёқуб наслидан келар, гуноҳларидан қайтганларга келар». Агар улар пайғамбар Ишаё Китобининг 59-бобини эслаганларида эди, улар ўз саволларига жавобни топган бўлардилар. Агар улар пайғамбар Йизиқилга чин дилдан ишонганларида эди, Масиҳнинг келишини, Ўз халқини У барча нопокликлардан поклашга тайёрланаётганини билган бўлардилар (қаранг: Йиз. 36). Биринчи Шоҳлар китоби (16:7) уларга: «Инсон юзга қарайди, Худо эса юракка боқади», деганини эслатади. Агар биз покдил бўлмасак, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмаймиз. Унинг юзини ҳеч қачон кўра олмаймиз. Агар биз покдил бўлмасак, ҳеч қачон Унинг кечиримини ололмаймиз, ҳеч қачон Ўз Қутқарувчимизни таний олмаймиз, қутқарилмаймиз ва гуноҳкорлигимизча ўлиб кетамиз. Энг ажойиби шуки, Исо Масиҳ айнан шунинг учун — бизнинг юракларимизни поклаш учун келган. У хочда ўлганда, У бизнинг барча гуноҳларимизни ўзига олди ва биз учун жазо олди. Муқаддас Китоб, У биз билан Ўз тақводорлигини алмаштирди, дейди. Бу жуда ажойиб алмаштириш: У бизнинг гуноҳларимизни олади ва Ўз тақводорлигини бизга беради. Агар биз Исо Масиҳга ишонсак, унда Худо кўзи ўнгида биз покмиз. Ҳар қандай бошқа шароитларда бу мумкин эмас. Мана бу ҳақда Муқаддас Ёзувда нима дейилган: «Илоҳий меҳр-шафқатнинг донғи чиқсин, деб Худо севикли Ўғлини юбориб, бизга иноят қилди» (Эф. 1:6). Фақат Масиҳ бизнинг ўрнимизни эгаллагани, бизнинг гуноҳларимизни Ўз танаси билан ёғочга олиб чиққани учун — фақат ана шу сабабга кўра бизга Унинг тақводорлиги ҳадя қилинган. Худо бизнинг юракларимизни эътиқод орқали поклайди. ПОКДИЛ БЎЛИШ НИМА ДЕГАНИ? Пок юракка эга бўлиш нима дегани? Муқаддас Китоб нуқтаи назаридан «юрак» деганда, доимо инсоннинг ички дунёси назарда тутилади. Асосан бу фикрларимиз тарзига тааллуқлидир. «Юрак» ҳеч қачон «ҳис-туйғулар» ни билдирмаган. Муқаддас Китоб ҳис-туйғулар ҳақида гапирганда, одатда «ич» ёки «ички аъзолар» эсга олинади. Агар яҳудийни қандайдир туйғулар қамраб олса, у ҳаяжонлангани ҳақида гапиради. У кучли қайғурганда эса, бу унинг ички аъзоларига тааллуқли бўларди. Юрак доимо ақлга тенглаштирилади: «…Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди… (Ҳикм. 23:7). Баъзида юрак сўзи иродани ва туйғуларни кўрсатади. Аммо бу фақат улар ақлий фаолиятининг оқибати бўлгандагина шундайдир. Масалан, агар менинг ақлим бирон нарса билан жиддий машғул бўлса, бу менинг иродамга ҳам таъсир қилади. Иродам эса ўз навбатида менинг туйғуларимга таъсир қилади. Ирода худди айланма ғилдиракка ўхшайди. Ақл уни ҳаракатга келтириб, айланма ғилдирак айлана бошлагани зоҳоти, ҳислар пайдо бўлади. Ҳикматлар китобида шундай дейилган: «Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир» (Ҳикм. 4:23). Бу дегани, юрак қандай бўлмасин, унда ҳаёт булоғи бошланишини билдиради. Фикрлар, ишлар, туйғулар — ҳаммаси юракда туғилади. Эфесликларга мактубда Худонинг иродасини чин кўнгилдан, яъни соф юракдан бажо келтирилиши ҳақида гапирилган. Ҳаммаси юракдан чиқади. Раббимиз Ўз ваъзида юрак поклиги ҳақида гапирганда, У энг аввало, иродани бошқарувчи ақлни назарда тутган. Ирода эса ўз навбатида туйғуларни назорат қилиб туради. Бу ташқи ишлар ва барча расмиятчиликларга риоя қилишнинг муҳимлиги ҳақида бонг ураётган фарзийлар ва қонунпарастларга берилган тўғридан-тўғри зарба эди. Исо қўрқмасдан уларга қарши чиқди. Худони инсон юрагида бўлиб ўтаётган ўзгаришлар ташвишга солади. Довуд 50-санода нима ҳақда сўраган? «Эй Худо, менда пок юракни яратгин, ичимда янги, собит руҳни бунёд этгин» (Заб. 50:12). «Исроилга, ҳа, барча дили покларга Худо доим ҳимматлидир!» — деб хитоб қилади сано куйловчи (Заб. 72:1). Айнан кимга? «Дили покларга». Агар сиз ҳар куни жамоатга борсангиз, ўзингиз билан Муқаддас Китобни олиб юринг. Муқаддас Китобдан парчалар келтирсангиз-у, аммо юрагингиз пок бўлмаса, сиз Худо мезонларига тўғри келмайсиз. Бу ҳақиқатни Довуд ва Шоул мисолида кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз. Парвардигор Шоулни шоҳликка чорлаганда, у баланд бўйли ва келишган эди, аммо бундан ортиқ эмасди. Шунинг учун 1 Шоҳлар китобида айтилганидай (10:9), Худо унга янги юрак ато этди. Чунки Шоул ичидан ўзгариши керак эди. Бироқ Шоул худди илгаригидай Худога итоатсиз эди. Ва шундай вақт келдики, Шомуил унга қуйидагиларни айтди: «Шоул, Худо сенинг шоҳлигингни тамом бўлди деяпти. Сенда бошқа шоҳлик бўлмайди» (1 Шоҳ. 15). Нима учун? Чунки Худо Ўз эътиқодига кўра лойиқ эркакни Ўзи танлайди. «Энди сенинг шоҳлигинг узоққа бормайди. Эгам Ўз кўнглига мос биттасини топди, Менинг халқимни сен бошқарасан, деб ўшани тайинлади. Чунки сен Эгамнинг амрига итоат қилмадинг» (1 Шоҳ. 13:14). Нима сабабдан бу Худо учун шунчалар муҳим эди? Жавоби шунинг ўзида: «Инсонлар ташқи кўринишига қарайди, Мен эса дилига қарайман» (1 Шоҳ. 16:7). Ким Худонинг юрагига манзур бўлган? Довуд. Худо уни танлади. Чунки унинг юраги пок бўлган. Довуд Худога шундай деган: «Чин юракдан Худовандга шукрлар дейман, Сенинг мўъжизаларингни, эй Таоло, бир-бир ҳикоя қиламан» (Заб. 9:2). Забурнинг 18-саносида Довуд шундай дейди: «Эй Худованд, оғзимдан чиқадиган сўзлар, қалбимдан кечадиган андишалар Сенинг олдингда мақбул бўлсин, эй, менинг суянчим ва Халоскорим!» (Заб. 18:15). 25-санода эса у сўрайди: «Эй Худованд, мени имтиҳон қил, синаб кўргин, кўнглим ва юрагимни синовдан ўтказгин!» (Заб. 25:2). 26-санода Довуд шундай деб ёзади: «Ҳузуримни қидиринг» деган сўзингни мен дилимга тугиб қўйдим. Сенинг ҳузурингни қидираман, эй Худованд!» (Заб. 26:8). Бу ўз юрагининг овозига қулоқ солган одамнинг сўзларидир. «Худованд менинг қудратим ва қалқонимдир. Мен чин юракдан Унга умид боғладим, У менга ёрдам берганда, дилим қувончга тўлди; қўшиғим билан Унга шукрлар дейман» (Заб. 27:7). Довуд юрагининг туб-тубидан Худони излаган ва Уни чақирган. Натижаси қандай бўлди? 56-санода Довуд шундай дейди: «Юрагим шай, эй Худо, юрагим шайдир. Мен Сени куйлайман, тараннум этаман» (Заб. 56:8). Мана шундай итоат Худога манзур. Унга ана шундай юрак ёқади — Унга умид боғлайдиган юрак. Довуд ўз ҳаётининг қандайдир дақиқаларида тақводорларча иш тутмаган бўлиши мумкин. Аммо юраги Худога қараган вақтда эмас. Ўрганилаётган гапнинг бошқа бир сўзи пок сўзидир (грекча — katharos). Ички поклик ҳақидаги гаплар бизнинг дунёмизда қўллаб-қувватланмайди. Одамлар ахлоқий покликни зерикарли, бемаъни, ёқимсиз монастир деворлари орқасида узун кийимларда яшайдиган қандайдир тентаксимон одамларга хос деб ҳисоблашади. Katharos — бу «ифлосликлардан, нопокликлардан тозалаш» маъносини билдирадиган katharidzo феълидан ясалган сифат. Ушбу вазиятда katharidzo сўзи «гуноҳдан халос бўлишни» билдиради. Бу сўз лотинча castus сўзи билан умумий ўзакка эга. Castus сўзидан инглизча chaste «иффатли, тоза» сўзи келиб чиққан. Сиз психоаналитикка ёки диний раҳнамонгизга мурожаат қилган пайтингизда, катарсис (покланиш — изоҳ тарж.) воситасида ўз қалбингизни поклайсиз. Шуниси қизиқки, katharos сўзининг яна бир маъноси бор. Айтишларича, унинг шунингдек, «аралаштирилмаган, соф ҳолда, ҳеч қандай қўшимчаларсиз, табиий, асл, тозаланган, ҳар қандай чиқиндидан тозаланган» деган маъноси ҳам бор. Яъни поклик ўзида ҳеч қандай бошқа нарсаларга эга бўлмаслик деганини билдиради. Демак, Худо сўзларининг ҳақиқий маъноси шундай бўлган: «Мен сизнинг садоқатингиз ва сизнинг фикрларингиз соф, самимий ва табиий бўлишини хоҳлайман. Менга чин юракдан чиқадиган соф истаклар керак». Ҳар қандай вазиятда, бу ерда гап бизнинг фикрларимиз ҳақида, бизнинг барқарорлигимиз ва самимийлигимиз ҳақида, иккиюзламачилик ва риёкорликнинг акси сифатида соф кўнгиллилигимиз ҳақида боряпти. Пайғамбар Ермиёнинг Китобида шундай дейилган: «…Уларга Мен бир юрак ва бир йўл бераман, токи улар Мендан қўрқсинлар…» (Ерм. 32:39). Довуд шундай дейди: «У эса дил софлиги ила уларга чўпон бўлди, маҳоратли қўлларила уларга бошчилик қилди» (Заб. 77:72). Бу ерда биз самимий садоқатни, ягона мақсадни ва соф сабабларни кўряпмиз. Раббимиз юрак поклигининг муҳимлигини алоҳида таъкидлайди. Бу Тоғдаги ваъзнинг давомида кўриниб турибди: «…Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлур» (Мат. 6:21). 24-оятда эса У хулоса қилади: «Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини севади, ёки бирига ихлос қўйиб, бошқасини хорлайди. Сиз ҳам Худога, ҳам пулга бирдек сиғина олмайсизлар» (Мат. 6:24). Пайғамбар Ёқуб ҳам ўз мактубида айнан шу ҳақда айтган: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Эй ҳардамхаёллар, кўнгилларингизни тўғри қилинглар!» (Ёқуб. 4:8). Римликларга Мактубнинг 7-бобида Павлус шундай дейди: «Менинг ниятларим соф. Бироқ мен гуноҳга қул бўлиб сотилган ожиз бандаман. Шундай бўлса-да, дилимдаги ниятларим пок». Агар сиз ҳақиқий масиҳий бўлсангиз, софликка интилиш сизни тарк этмаслиги керак. Агар бу интилиш юрагингизда бўлмаса, сизнинг Худони билишингизга мен жуда шубҳаланаман. Юрагингизда шундай истак борми? Ниятларингиз покми? Бир куни Жон Беньянга — «Сайёҳ зиёратчининг сафари» ва «Руҳий жанг» каби мумтоз асарларнинг муаллифига унинг буюк тарғиботчи эканлигини айтишган. Шунингдек, унинг охирги ваъзи ҳақиқий шоҳ асар эканлиги тўғрисида ҳам фикр билдиришган. Бу фикрларга жавобан у, айтишларича, қайғули қиёфада шундай деган: «Раҳмат, аммо мен минбардан тушаётганимда бу ҳақда менга аллақачон иблис айтган». Соф фикрлар одил ҳаракатларга тенг эмас, katharos сўзи фақат фикрларга, сабабларга ва истакларга тааллуқли эмас. Соф фикрли жуда кўп одамлар ҳеч қачон Худога келмайдилар. Бир куни мен Мехикода Нуэстр Сеньор де Гуадалупе базиликасининг (базилика — қадим ва ўрта асрлар архитектурасида ички қисми қатор устунлар билан бир неча қисмга бўлинган бино — изоҳ тарж.) ёнидан одамлар тиззалаб уч юз ярд масофани судралиб ўтиб бораётганларини кўрдим. Уларнинг тиззалари қонталаш бўлиб кетган эди. Бу жуда самимий, аммо нотўғри ҳаракат эди. Шубҳасиз, пайғамбар Илёс замонасида худо Балнинг руҳонийлари жуда самимий бўлганлар. Улар жазавага тушиб ўзларини пичоқлар ва ханжарлар билан яралаганлар. Бу сўзсиз, самимийлик белгисидир. Сиз ўзингизга пичоқ урасиз, тўғри йўлдаман, деб ўйлайсиз. Аммо katharo сўзи нафақат самимийлик ва фикрларнинг софлигини билдиради, балки у адолатли ишларга ҳам тааллуқлидир (бу тўғрида Худо ҳам айтган). Униси ҳам, буниси ҳам бир хилда муҳимдир. Адолатли ишлар — фикрлар ва истаклар софлиги оқибатида келиб чиқади. Томас Уотсон шундай деган: «Ахлоқ ҳам худди нуқсон каби ҳалокатсиз бўлиши мумкин. Агар кемага ортиқча юк ортилган бўлса, у чўкиб кетиши мумкин. Унга нима ортилганидан қатъий назар, тиллами ёки гўнгми, барибир»[14]. Сиз: «Мен жуда тақводор одамман ва Худога ёқишни хоҳлайман», дейсиз. Аммо сизнинг ишларингиз Унинг Каломига мос келмаса, ҳақиқий юрак поклигидан далолат бермаса, сизнинг истакларингиз ва мақсадларингиз ҳеч нимага арзимас бўлиб қолаверади. ПОКЛИКНИНГ БЕШ КЎРИНИШИ Покликнинг беш кўриниши мавжуд: 1. Бирламчи поклик. Бундай поклик фақат Худога хосдир. У Худодан худди қуёшдан ёруғлик чиққани ва сувдан намлик чиққани каби таралади. 2. Яратилган поклик. У Худо яратганига, то гуноҳкорликка қадар хос эди. Худо фаришталарни ҳам, одамларни ҳам мутлақо пок яратган. Улар ҳам, булар ҳам гуноҳга ботдилар. 3. Сўнгги поклик. Покликнинг бу кўриниши мадҳ этиш билан боғлиқ. Натижада барча Худо авлиёлари мукаммал поклик ҳадясини оладилар. Бизнинг барча гуноҳларимиз нафақат илоҳиёт маъносида, балки амалий жиҳатдан ҳам батамом ювилиб кетади. Юҳаннонинг мактубида айтилишича: «…Ҳозир биз Худонинг болалари бўлсак-да, келажакда нима бўлишимиз ҳануз ноаниқ. Фақат шуни биламизки, Исо Масиҳ зоҳир бўлганда, биз У сингари бўламиз; У қандай бўлса, шундай ҳолда кўрамиз» (1 Юҳ. 3:2). 4. Ҳадя қилинган поклик. Бу поклик биз ҳозир эга бўлган покликдир. У бизга Масиҳ тақводорлиги эвазига берилган. Агар сиз Исо Масиҳга ишонсангиз, Худо сизга бу покликни ҳадя қилади. Худо масиҳийга қараганда (менинг бунга ишончим комил) шундай дейди: «Сенинг камчилигинг йўқ; сен Масиҳда мутлақо поксан». Римликларга мактубнинг 3-бобида бизга Масиҳнинг тақводорлиги берилгани ҳақида айтилган. 5-бобда эса Масиҳ қилган иши билан бизнинг оқланганлигимиз айтилган. Гал. 2:16 да ва 2 Кор. 5:21 да ҳам худди шу тўғрида сўз юритилган. 5. Амалий поклик. Бу, менимча, энг мураккаб тоифа. Энг биринчи пайдо бўлган поклик фақат Худога хос. Фақат Худо бизга покликни Ўз ҳадяси сифатида бера олади. Қачонлардир Худо барча авлиёларга покликни ҳадя қилган. Ҳозир эса ҳар бир ҳақиқий эътиқод қилувчи Худо назарида покдир. Аммо бизга ҳадя қилинган поклик ҳақиқий, амалий поклик бўлиши учун биздан қанчалар кўп куч талаб қилинади, шундай эмасми? Мана нима учун Павлус бизни қуйидагиларга даъват қилади: «Эй севикли биродарларим, Худо бизга бундай улуғ ваъдаларни берган экан, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб, Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай муқаддас бўлайлик» (2 Кор. 7:1). Бу ерда Павлус амалда пайдо бўлиши керак бўлган поклик ҳақида гапиради. Жуда нари борса бу ораси қора иплар билан тикилган оқ қийимларга ўхшаган бўлади. Аммо Парвардигор бизни амалий ҳаётда имкон борича соф кўришни хоҳлайди. Фақат Исо Масиҳдаги бундай амалий покликка эга бўлганларгина Худони кўрадилар. Ва уларнинг ҳаётлари адолатли, ниятлари ва истаклари ҳам пок бўлади. Агар биз шундай бўлмасак, биз ё масиҳий эмасмиз, ёки итоатсизликда яшаяпмиз. Албатта, биз бу амалий покликни қўлга кирита олмаймиз. Аммо Муқаддас Китоб бизни қандай қилиб мукаммал эмаслигимизни енгишга ўргатади. Биз васваса балосига йўлиқсак, бизда нопок фикрлар пайдо бўлади. Биз қўпол, шафқатсиз сўзларни айтамиз, ножўя ишлар қиламиз, натижада биз нопок бўламиз. Бизнинг барча нопоклигимиз сўзларимизда ва ишларимизда намоён бўлади. Лекин Муқаддас Китоб бизни нафсга қарши туришга ўргатади. Эфесликларга мактубнинг 6-бобини ўқинг ва Парвардигорнинг насиҳатларини қабул қилинг. Сиз: «Менинг қўлимдан келмаса-чи?» дейсиз. Бу саволга ҳаворий Юҳанно жавоб беради: «Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир» (1 Юҳ. 1:9). Ҳар гал сиз гуноҳ қилиб, унга тавба қилган пайтингизда, Худо сизни поклайди. Худо сизни поклаганини билиш қандай буюк бахтдир! ПОК ЮРАККА ҚАНДАЙ ЭГА БЎЛИШ МУМКИН? Қандай қилиб юрагимизни пок қилишимиз мумкин? Шуни билингки, буни сиз мустақил амалга оширолмайсиз — бу биринчи қадам. Ҳикматлар Китобида шундай деб сўралади: «Қалбимни тозаладим, гуноҳлардан холиман», деб ким айта олади?!» (Ҳикм. 20:9). Ҳеч ким. Ҳаворийлар Китобида айтилишича, бизнинг юракларимиз эътиқод билан покланади. Бунга ишлар билан эришиш мумкин эмас, аммо эътиқод билан мумкин. Нимага эътиқод билан? Бизни гуноҳдан фориғ қиладиган Исо Масиҳ қонига эътиқод билан. Ҳаворий Юҳанно бизга шундай деган: «Бироқ Унинг Ўзи нурда бўлгани каби, биз ҳам нурда юрсак, бир-биримиз билан алоқа қиламиз ва Унинг Ўғли Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади» (1 Юҳ. 1:7). Сиз покдил бўлишни хоҳлайсизми? Унда Масиҳнинг хочдаги қурбонлигини ва Унинг қилган ишини инкор қилманг. Пайғамбар Закариё шундай дейди: «Ўша куни Довуд авлоди ва Қуддус аҳолиси учун бир фаввора очилади, бу фаввора уларни барча гуноҳлари ва поксизликларини тозалайди» (Закариё 13:1). Агар сиз масиҳий бўлсангиз, унда ўз юрагингизни Масиҳ сўзлари ва ибодат билан покланг. Юҳаннонинг Хушхабарида шундай деб ёзилган: «Менинг сизга айтган сўзим орқали сизлар ҳозирдан поксизлар» (Юҳ. 15:3). Унинг сўзлари билан бўлинг ва ибодат қилинг. «Нопокдан ким покни ярата олади?» (Рус синодал Муқаддас Китобда — «Нопокдан ким пок бўлиб туғилиши мумкин?» — Изоҳ тарж.) (Аюб. 14:4), деб сўраган Аюб сўзларига қулоқ тутинг. Жавоб акс-садо бериб бутун борлиқнинг чалкаш йўлларидан келади: «Парвардигор!». ПОКДИЛ ОДАМЛАРГА НИМА ВАЪДА ҚИЛИНГАН? Покдил одамлар билан нима юз беради? Исо бу саволга жавобни Ўз ваъзининг сўнгида беради: «Улар Худони кўрурлар». Грекча матнда феъл келаси замон давом феъли шаклида бўлади. Бу: «улар доимо, ҳамма вақт Худони кўриб турадилар» деган маънони билдиради. Сиз халос бўлишда юраклари покланадиган одамлар билан нима бўлишини тушунасизми? Улар Парвардигор ҳузурига борадилар ва У билан мулоқотда яшайдилар. Сиз Уни англайсиз. У ёнингизда эканлигини тушунасиз. Сиз уни руҳий кўзлар билан кўрасиз. «Илтижо қиламан: менга улуғворлигингни зоҳир қилгин!» — деб хитоб қилган Мусо сингари, Исо Масиҳ томонидан юраги покланган одам яна ва яна Худонинг улуғворлигини кўради. Парвардигорни кўриш Эски Аҳд одамининг буюк орзуси эди. Юрак поклиги руҳ кўзини очади ва Худони кўринарли қилади. Сиз Худони кўришни хоҳлайсизми? Барҳаёт Худо ҳозир ва доимо сиз билан бўлишини истайсизми? Ўз юрагингизни покланг. Қачонлардир сиз Худони қандай бўлса, шундайлигича кўрасиз (қаранг: 1 Юҳ. 3:2). Биз Масиҳни юзма-юз учратган кунимиз қандай ажойиб кун бўлади! 9-боб. «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир…» (Мат.5:9) Тинчлик ғоялари бутун Муқаддас Китобни қамраб олган. Муқаддас Ёзув Адан боғидаги тинчлик тасвири билан бошланиб, абадият тинчлигининг тасвири билан ниҳоя топади. Устига устак, бутун Муқаддас Китоб тарихини тинчликни қўлга киритиш тарихи, деб тасаввур қилиш мумкин. Инсоннинг гуноҳи илоҳий боғдаги тинчликни бузган. Хоч устидаги Масиҳ бизнинг тинчлигимиз бўлди (У тинчлигимиз манбаи бўлгани учун Унинг ҳузурига келган ҳар бир инсоннинг қалбида тинчлик ҳукмрон бўлади). Бир кун келиб У «Тинчлик Беги» бўлиб қайтади ва мангу тинчлик шоҳлигини ўрнатади. Муқаддас Китобда тўрт юз мартага яқин «тинчлик» сўзи учрайди. Худо Ўзини «Тинчлик Худоси» деб атайди, аммо ер юзида тинчлик йўқ. Бу ҳолат икки сабаб билан изоҳланади: шайтоннинг қарши кураши ва одамларнинг итоатсизлиги. Фаришталар ва инсонлар гуноҳга ботганларидан сўнг тинчлик ер юзини тарк этди. Аммо Худо тинчликни истайди. Худо инсонларга қарши кураш олиб бораётгани йўқ. Гуноҳга ботган фаришталар ва гуноҳкор одамлар — мана кимлар Худога қарши кураш олиб боришяпти! То улар тинчликни қидириб топмагунларича, унга эга бўла олмайдилар. Ҳозирда биз Осмон ҳузур-ҳаловатига бориш йўлининг еттинчи поғонасида турибмиз. Биз бу поғонани бахт деб атаймиз. Бахтга эришишнинг бу ягона йўлидир. Чунки Худо бизни гуноҳга ботган вақтимизда йўқотилган нарсаларни тиклашга чорлайди. Биз ер юзидаги қачонлардир йўқотилган тинчликни тиклашимиз шарт. «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир. Чунки улар Худо ўғиллари дейилур». Худо «тинчлик ўрнатувчилар» деб атовчи ўзига хос инсонлар ер юзидаги Унинг элчиларидир. Улар тинчлик борасида ҳар қандай Нобел мукофоти совриндорларидан устундирлар. Зеро улар таклиф этаётган тинчлик — абадий, илоҳий ва ҳақиқийдир. Исонинг айтишича, тинчлик йўлида ҳаракат қилаётган Ўз элчиларига Худо марҳамат қилишга ва уларни «Худо ўғиллари» деб аташга ваъда берган. БЕҲУДА ТИНЧЛИК ИЗЛАШ Дунёвий тинчлик ўрнатувчиларнинг ютуқлари мақтовга лойиқ эмас. Улар эришган бугунги тинчлик эртага қулаш арафасида турибди. Бугунги кунда бизнинг на сиёсатда, на иқтисодимизда, на ижтимоий соҳамизда ва на оиламизда тинчлик мавжуд. Ҳеч қаерда тинчлик йўқ, чунки бу тинчлик бизнинг қалбимизда мавжуд эмас. Ҳамма гап шунда. Кимдир шундай деган: «Вашингтонда тинчлик хотирасига атаб ўрнатилган ҳайкаллар жуда кўп. Ҳар бир урушдан сўнг янги ҳайкал ўрнатилади». «Тинчлик» сўзи остида инсонлар уруш тўхтаган ўша ёқимли замонларни тушунишади. Тинчликпарвар жамият Иккинчи жаҳон урушининг дунёга етказган талофотларига жавобан тинчликни таъминловчи махсус бирлашма тузишга қарор қилинди. Шу тариқа 1945 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилоти юзага келди. Ташкилотнинг шиори қуйидагича: «Келажак авлод учун даҳшатли урушнинг олдини олайлик». Ўшандан бошлаб дунё бир кун ҳам тинчлик кўрмади. Бирор кун ҳам! Тинчлик бизлар учун ушалмас орзу бўлиб қолаверди. Ер юзида тинчлик йўқ. Биз бир-биримиз билан тинч, осойишта яшай олмаймиз. Бизнинг алоқаларимиз жуда ҳам заиф ва осонликча бузилиб кетади. Одамлар аввалгидек руҳий хасталиклардан азоб чекишяпти. Ҳамма ерда оилалар бузилиб кетмоқда, мактабларда тартибсизликлар юз бермоқда. Бунинг ҳеч ниҳояси йўқдай туюлади. Инсоннинг қалбида тинчликнинг йўқлиги сабабли, унинг ички дунёсининг бевосита акси бўлган яшаш жойида ҳам тартибсизлик ҳукмрондир. Ушбу бобда биз кўриб чиқаётган ажойиб оятдаги тинчлик ўрнатувчиларга Худо алоҳида марҳамат қилишга ваъда беради. Раббимиз сўзларини яхшироқ тушуниш учун тинчлик ҳақидаги бешта ҳақиқатни кўриб чиқиш керак. ТИНЧЛИК НИМА ДЕГАНИ? Баъзи одамлар тинчлик — бу жанжаллар ва келишмовчиликларнинг йўқлигидир, деб ўйлашади. Қабристонда жанжал йўқ. Аммо у ерда ҳукмронлик қилаётган осудаликни биз Худо тинчлиги дея олмаймиз. Худонинг фикрига кўра, тинчлик — бу оддий душманликнинг йўқлигидан кўра буюкроқ бир нарса. Худо бу сўзга ўзгача маъно беради: тинчлик — бу тўғри, соғлом ўзаро муносабатларни яратадиган солиҳликнинг мавжудлигидир. Тинчлик нафақат урушнинг тўхташини, балки душманларни яраштирадиган тақводорликнинг яратилишини ҳам кўзда тутади. Бир яҳудий иккинчисига: «Шалом» деган пайтда, у бу билан: «Сен уруш нималигини билмайсан» демоқчи бўлмайди. Балки яҳудий шуни назарда тутади: «Худонинг солиҳлиги ва баракаси доимо сенга ёр бўлсин». Ярашиш билан ҳақиқий тинчлик ўртасида жуда катта фарқ бор. Ярашиш — бу қандайдир маълум бир вақтга отишмани тўхтатишни билдиради. Тинчлик эса ҳақиқат тантана қилгандагина ўрнатилади. Шундагина муаммолар ҳал бўлади, шундагина рақиблар бир-бирларини қучоқлаб табриклайдилар. Ҳарбий ҳаракатларнинг вақтинчалик тўхтатилиши адоват алангасини фақат пуфлаб ёндиради. Бу тарзда эришилган тинчлик эса фақат вазиятни кескинлаштириши мумкин. Муқаддас Китобда ёзилган тинчлик доимо мустаҳкам ва адолатлидир. Муқаддас Китобга асосланган тинчликка ҳеч қачон ҳар қандай воситалар билан эришилмайди. Аммо у барча муаммоларни ҳал қилади. У душман томонлар орасига кўприк ўрнатади. Баъзида бу кураш билан, баъзида оғриқ ёки қўрқув билан боғлиқ бўлади. Аммо йўл охирида ҳар доим сизни ҳақиқий тинчлик кутади. Муқаддас Китоб тинчлиги — бу ҳақиқий тинчлик. Ёқуб шундай дейди: «Лекин юқоридан тушган донолик эса, биринчидан покдир. Иккинчидан эса муросасоз, мулойим, бўйсунувчан, тўла меҳр-шафқатли, яхши самаралар билан тўлиб- тошган, беғараз ва риёсиздир» (Ёқуб. 3:17). Тинчлик ҳеч қачон тақводорликка зарар етказиб тантана қилмайди. Икки одам ўртасида то улар ўз гуноҳларини, ўзларини ноҳақ эканликларини кўрмагунларича тинчлик ўрнатилмайди. Улар тинчлик ҳукм суриши учун ўзларининг аламга ва нафратга тўла эканликларини, буни Худо олдида тан олишга журъатлари етишмаслигини ва тузалмоқчи эканликларини тан олишлари керак. Ва шунда покланиш орқали тинчлик келади. Ибронийларга мактубда (12:14) шундай дейилган: «Ҳамма билан тинч-тотув яшаш ва муқаддас бўлишга ғайрат қилинглар. Муқаддасликка эга бўлмасдан ҳеч ким Раббимизни кўролмайди». Тинчликни тақводорликдан ажратиб бўлмагандай, тинчликни юрак поклигидан ҳам ажратиб бўлмайди (қаранг: Заб. 84:9). Ҳаммамиз уйда ҳам, ишда ҳам, қаерда бўлмайлик, доимо бемаъни жанжалларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Агарда бунда биз ҳақиқатни қурбон қиладиган бўлсак, биз ўз тамойилларимизни инкор қиламиз. Ва оқибатда умуман тинчликдан маҳрум бўламиз. Унинг ўрнига ярашишни, отишма ва совуқ урушнинг вақтинчалик тўхтатилишини қўлга киритамиз. Раббий шундай дейди: «Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, балки қилич келтиргани келганман» (Мат. 10:34). Бир қарашда Унинг сўзлари ҳузур-ҳаловат амрларига мутлақо қарама-қаршидай туюлади. Аммо Худо тинчликни ҳар қандай йўл билан келтирмаслигини айтмоқчи. У тинчлик ўрнатилишидан олдин уруш бўлиши кераклигини билган. Мен Инжил ваъзи ҳақида фикр юритганимда, бу ҳақиқатан ҳам шундай эканлигини тушунаман. Одамлар бахтни англашларидан олдин улар норозилик билдирадилар ва ғазабланадилар. Улар кейин қувончни англашлари учун олдин салбий туйғуларни бошларидан кечиришга мажбур қилиш керак. Тинчлик ўрнатилиши учун олдин қилич кўтарилиши керак. Чунки бу поклик, тақводорлик ва муқаддаслик қиличидир. Ҳаворий Яҳудо шундай дейди: «Эй севганларим, муштарак нажотимиз ҳақида ёзишга ғайратим кўп бўлган. Худо бу имонни Ўз азизларига умрбод омонатга топширган. Мен эса сизни шу йўлда жонкуярлик билан курашишга ундамоқни лозим кўрдим» (Яҳудо 1:3). Баъзи-бир нарсаларга жонкуярлик билан муносабатда бўлишимиз керак. Демак, биз Инжилни тарғиб қиламиз ва шу билан бу дунёнинг хотиржамлигини бузамиз. Эзгу хабар тинчликни қоралайди, келишмовчиликларга ва қаршиликка сабаб бўлади. Аммо агар бу жанжаллар Исо Масиҳга эътиқод билан ҳал қилинса, ҳақиқий тинчлик ўрнатилади. Бизнинг ўз фикрларимиз ва таълимотимизни, ҳақиқатни, фақат улар кимнингдир иззат-нафсига теккани учун инкор қилишга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, бизнинг вазифамиз кейин ҳақиқий тинчлик ўрнатилишини очадиган ҳақиқатни гапиришдир. Агар сизнинг қуролингиз ҳақиқат бўлса, сиз хотиржамликка зарар етказувчи, қўзғолончи бўласиз. Сизни кучли ҳистуйғуларни авж олдиришда айблашади. Аммо бундан бошқа йўл йўқ. Биз ҳаммамиз Масиҳ учун яшашга ва бу ҳақда гувоҳлик беришга ҳаракат қиламиз. Аммо бизнинг тинчлик ўрнатувчилик ҳаракатларимизга, одамларга Худо билан, бир-бирлари билан ўзаро ярашишларига ёрдам бериш истагимизга қарамай улар бизга қарши турадилар. Одамлар ўз гуноҳлари билан курашишни ва улар ҳақида эшитишни хоҳламайдилар. Шундай қилиб, улар тинчлик йўлига тўсиқ қуриб қўядилар. Агар биз шундай вазиятда фақат ярашишни изласак, биз одамларга Худо билан ярашишга ёрдам бера олмаймиз. Муқаддас Китоб тинчлик ўрнатувчиларини ювош, хотиржам, илтифотли, деб бўлмайди. Адолат туйғуси йўқ ва тақводорликни изламайдиган одамларни улар хафа қилмаслик учун, қолаверса, фақат уларни аяб ёқимли нарсаларни гапирмайдилар. Бундайларни, аслида, муросасоз ва келишувчи деб аташ мумкин. Одамлар: «Ҳа, у шундай тинчликсевар одам» дейишади. Ҳақиқатда эса бу: «Унинг ўз фикри йўқ», деган маънони билдиради. Муқаддас Китоб бўйича, ҳақиқий тинчлик ўрнатувчи низолардан кўз юммайди, улардан қочишга ҳаракат қилмайди. У status quo ни сақлаб қолишга уринмайди. У: «Мен бу одамнинг ёмон иш қилаётганини биламан. Аммо менга тинчлик керак. Мен уни сақлаб қолишни истардим», деб фикр юритмайди. Бу ҳақиқий ўзаро келишишдир. Шундай қилиб, ҳақиқий тинчликнинг маъноси — жанжалларни ҳақиқат ёрдамида ҳал қилишдир. Биз бу ҳақиқатни Худо тақводорлигидан совут кийиб ҳаммага билдирамиз. ТИНЧЛИК ЎРНАТИШГА НИМА ҚАРШИЛИК ҚИЛАДИ? Тинчликка нима халақит беради? Агар тинчликнинг маъноси тақводорлик ва ҳақиқат бўлса, унда гуноҳ ва ёлғон — унга эришиш йўлидаги тўсиқдир. Ермиё шундай дейди: «Одамнинг юраги ҳаддан ташқари айёр ва бузуқдир. Унинг ичидагини ким билади?» (Ерм. 17:9). Келинг, буни эслаб қолишга ҳаракат қилайлик. Ахлоқсиз юрак ўзини қандай намоён қилади? Ишаё бизга шундай деб эслатади: «Ёмонларга омонлик йўқ», дейди Эгамиз» (Ишаё 48:22). Ермиё, инсоннинг юраги айёр, дейди. Ишаё эса шу сабабдан унда омонлик йўқ, дейди. Биз одамнинг ахлоқсизлигини ва унинг юраги бузуқлигини тан олишимиз керак. Бундай юракда ҳеч қачон тинчлик бўлмайди. Чунки тинчлик — муқаддаслик ва тақводорлик мевасидир. Шунинг учун Ёқуб: «Шу тариқа солиҳлик уруғи сепилиб, тинчликпарварлар учун осойишталик барпо бўлади» (Ёқуб. 3:18), дейди. Тинчлик ўрнатувчилар солиҳлик уруғини сепадилар. Инсоний адоватнинг замирида гуноҳ ётади. Гуноҳни йўқ қилинг. Шунда жанжал тўхтайди. Ҳақиқий тинчлик ўрнатувчилар — одамларни тақводорлик излашга, Худо мезонларига мос бўлишга ҳаракат қилишга ундайдиган одамлардир. Ердаги барча дипломатлар, давлат арбоблари, элчилар, президентлар ва ҳукмдорларнинг ҳаммаси ҳеч қачон тинчликка эриша олмайдилар. Ҳузур-ҳаловатнинг биринчи олтита амрига риоя қилмай тинчлик ўрнатувчи бўлиш мумкин эмас. Ҳаммаси руҳий камбағалликни англашдан бошланади (3-оят). Биз руҳан қайғурамиз ва Худога ёрдам сўраб мурожаат қиламиз. Чунки биз ўз-ўзимизга ёрдам бера олмаслигимизни тушунамиз. Сўнгра биз ачччиқ-аччиқ йиғлашни (4-оят), нола қилишни ва ўз гуноҳларимиз учун қайғуришни бошлаймиз. Биз ўзимизни муқаддас ва қудратли Худо олдида кўрамиз. Ва кўз ёшлар билан бизга беозорлик келади (5-оят). Биз адолатга очу чанқоқлигимизни сеза бошлаймиз (6-оят). Шундан сўнг Раббийдан раҳмшафқат топамиз (7-оят). 8-оят пок юракка эга бўлишимиз кераклигини таъкидлайди. Фақат шундан кейингина биз тинчлик ўрнатувчи бўламиз (9-оят). Биз тинчлик ўрнатувчи бўлганимизда дунё бизни қучоқ очиб кутиб олмайди. Бу ҳақда 10-оятда шундай дейилган: «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир» (Мат. 5:10). Нега шундай бўлади? Чунки одамлар Худо таклиф қилган тинчлик ҳақида эшитишни ҳам истамайдилар. Нима учун? Чунки улар эшитаётганларида жуда кўп ҳақиқат бор. Агар сиз тақводор ва пок бўлсангиз, олийжаноблик билан яшасангиз, сизнинг қалбингизда тинчлик бўлади. Мабодо, тақводорлик, поклик, олийжаноблик сизнинг эру хотинлик ҳаётингизда, сизнинг халқингиз ҳаётида, уйингизда бўлса, буларнинг ҳаммасида ҳам тинчлик бўлади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Агар сиз тақводор бўлсангиз, демак, Парвардигор билан, одамлар билан, ўз-ўзингиз билан тинчликда бўласиз. Бу қандай ажойиб — Худо энг оддий, энг итоаткор одамлардан фойдаланишини ва уларни тинчлик ўрнатувчилар қилишини кўрсангиз! У ҳеч қандай унвонга, ҳеч қандай мукофотларга эга бўлмаган одамларни улуғлайди. Сиз уларнинг номларини ҳеч қачон газета ва журналларда кўрмайсиз. Фақат биз тақводорликни ҳаётий меъёр сифатида тарғиб қилиб унга ҳақиқий тинчликни англашига ёрдам бера оламиз. Фақат биз эру хотинларни тақводорликка бошлай оламиз. Бу билан тинчликка эришишга ва улар орасидаги келишувга йўл очамиз. Фақат биз одамларни Парвардигор тинчлигига олиб келиш учун Инжилни тарғиб қила оламиз ва тарғиб қилишимиз керак. Исо буюк тинчлик ўрнатувчи бўлган. Бироқ У жанжалли вазиятлардан қочганми? Йўқ, бундай бўлмаса керак. Яҳудийлар Уни ўлимга йўлладилар. Ва У ўлимга тик борди. Чунки У барибир тинчлик ўрнатилишини биларди. Одамлар тинчликни ахтариб оёқдан қоладилар. Улар юқорида турли учрашувлар уюштирадилар, саноқсиз анжуманлар ташкил қиладилар, шартнома кетидан шартнома имзолайдилар, бир эътиқоддан иккинчисига ўтадилар. Аммо ҳеч қачон уни топа олмайдилар. Нима учун? Чунки ер юзидаги вазиятларда инсоний мантиқ асосида тинчликни қўлга киритиш мумкин эмас. Дунё одамлари кўпинча тинчлик яратадиганларни эмас, балки уни бузадиганларни кўкларга кўтаришларини сезганмисиз! Боксчилар бир-бирларини рингда чала ўлик қилиб уришларини кўриш учун биз катта пул тўлаймиз. Ердаги шоҳлар доимо жангчиларни ҳурмат қилганлар. Биз қудратнинг буюк Худоси олдида бош эгамиз. Қўрқмас, бўйсунмас, мағрур, «қаттиққўл», ўзбошимча ва ўзига тўқ одам — мана бизнинг қаҳрамонимиз. Ўз ҳуқуқлари учун курашадиган, янги-янги талабларни олдинга сурадиган, адоват уруғини сочадиган ва анъаналардан нафратланадиган аёллар — бизнинг қаҳрамонларимиздирлар. Бизнинг бутун жамиятимиз инсон ҳуқуқлари учун кураш ва шу инсонни улуғлаш билан машғул. Руҳшунослар, бихевиоризм (инсоннинг хулқ-атворларини бутунлай жисмоний таъсирларга боғлайдиган ва ақлий ҳодисаларни инкор қиладиган сохта илмий назария — изоҳ тарж.) издошлари бизга тинимсиз шундай деб такрорлайдилар: «Мумкин бўлган ҳамма нарсани олинг. Ҳеч кимга сиздан бирон нарсани тортиб олишига имкон берманг». Шунинг учун шубҳасиз, бизнинг жамиятимизга Инжил тинчлигини келтириш учун масиҳийларнинг қилган ҳар бир ҳаракати шафқатсиз қаршиликларга дуч келишига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Яҳудийлар Исо Масиҳни ёмон кўриб қолганлари ажабланарли эмас. Уларга курашчи керак эмас эди. Исо, Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир деганда, менинг ишончим комилки, Уни эшитаётганлар тушунмасдан елка қисганлар. Бугунги кунда ҳам одамлар масиҳийларни қўрқоқлар ва ожизлар деб улардан нафратланадилар. Агар улар қўрқмасдан Масиҳни тарғиб қилсалар, одамлар уларга уруш эълон қиладилар. Одамнинг бир нечта душмани бўлиши бу одатий ҳолдир. Исо Масиҳ дунёнинг Шоҳи бўлган ва шундай бўлса ҳам жамият тинчлигини бузган (қаранг: Лк. 23:5). Хаворий Павлус, мен одамларни Худо билан ярашишини тарғиб қилувчи шахсман, деб атаган. У буни «Худо марҳаматининг Хушхабари» деб номлаган. Павлус қаерда пайдо бўлса, шу ерда албатта норозилик келиб чиқарди. Биз жанжалли вазиятларга тайёр туришимиз керак. Масиҳ ўзига зарбаларни олгандек, биз ҳам ўзимизга зарбани олишимиз керак. Ўз «мен»имизни инкор қилиб, ҳаётимизни давом эттиришимиз ва ўз маслакларимизни қўрқмасдан ҳимоя қилишимиз керак. Агар биз кескин вазиятларни айланиб ўтишга ҳаракат қилсак, биз тинчлик ўрнатувчилар бўла олмаймиз. Мен гуноҳда яшаётган одамни кўрсам, агар Исо орзу қилганидай ҳақиқий тинчлик ўрнатувчи бўлсам — бу одамнинг олдига келишим ва унга: «Сен ўз ҳаёт тарзинг билан Муқаддас Худони ҳақорат қиляпсан. Сен Худо билан уруш ҳолатидасан. Мен сени У билан яраштирмоқчиман. Шунинг учун гуноҳларингга кўзларингни очиб қўймоқчиман ва сенга Исо Масиҳнинг Инжилини таклиф қиламан», дейишим керак. Ҳа, бу мардликдир. Агар мен иккита низолашаётган масиҳийни кўрсам, четда қараб турмаслигим керак. Ҳақиқий тинчлик ўрнатувчи бундай дейди: «Сиз ўз жанжалингизни адолатли тарзда ҳал қилишингиз керак». Тинчлик ўрнатувчи бўлиш — ёқимсиз вазиятлардан қочиш дегани эмас. Аксинча, муаммони ҳал қилиш ва жанжаллашаётган томонларни яраштириш учун имкони бўлган ҳамма ишни қилиш керак. ТИНЧЛИК ЎРНАТУВЧИ Ҳақиқий тинчлик ўрнатувчи ким? Павлус бу ҳақда шундай дейди: «…Чунки Худо тартибсизлик Худоси эмас, тинчлик Худосидир» (1 Кор. 14:33). Худо тинчлик манбаи ва яратувчисидир. Ундан ташқарида тинчлик йўқ. Янги Аҳдда бир неча марта Худо — тинчлик Худоси эканлиги ҳақида гапирилади. Мана бир нечта мисоллар: «Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммаларингизга ёр бўлсин…» (Рим. 15:33). Павлус ҳам Масиҳ ҳақида шундай дейди: «Тинчлик манбаи бўлган Раббимизнинг Ўзи сизларга ҳар доим ва ҳар йўсинда тинчлик берсин…» (2 Сал. 3:16). Ибронийларга мактубнинг муаллифи ҳам шундай ёзади: «Тинчлик берган Худо қўйларининг улуғ Чўпони — Раббимиз Исони абадий аҳднинг қони билан тирилтирди» (Ибр. 13:20). Гуноҳга ботган вақтдан бошлаб (қаранг: Ибт. 3) инсон тинчликни билмаган, агар фақат уни Худодан ҳадя сифатида олмаган бўлса. Худо Ўзи билан Ўзи мутлақо тинчликда бўлади. Муқаддас Учликнинг чеҳраси мутлақ ҳамжиҳатликда ва келишувда бўлади. Эфесликларга мактубда (2:14) шундай дейилган: «Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлигимиздир. У яҳудийлар билан мажусийларни яраштириб, бир уммат қилди. Ўз танасини фидо қилиб, уларнинг орасидаги тўсиқ деворни қулатди, адоватни бартараф қилди». Бир куни мен бир оила ҳақида ўқиб қолдим. Ажралиш жараёнини бошлаган эр-хотин иш кўриб чиқилаётганда ҳақиқий даҳанаки жанг қилганлар. Ота-онани тўрт ёшли ўғил кўзларида ёш билан кузатиб турган. Тўсатдан фарзанд ота-онанинг қўлларини олиб, то уларнинг кафтларини бирлаштирмагунча тортаверган. Ушбу ҳолатда фарзанд тинчлик ўрнатувчи бўлган. Аслида Масиҳ ҳам худди шундай қилган. У бизга Худо қўлини қўлимизга олишга имкон берувчи тақводорликни ато этди. Павлус шундай деган: «Исо Масиҳнинг воситачилиги билан Худо еру кўкдаги борлиқ мавжудотни Ўзи билан яраштиришга қарор қилди. Хочда тўкилган қонни инобатга олиб, Худо Ўзи яратганлар билан сулҳ тузди» (Кол. 1:20). Хочнинг ўзида тинчлик бўлмаса ҳам, Хоч тинчлик келтирди. Бу даҳшатлар ва тартибсизликлар замонида бўлган эди. Аммо айнан Хоч бир ўзи ҳақиқий тинчликни ярата олиш қобилиятига эга бўлган тақводорликка йўл очиб берди. Шундай қилиб, Худо тинчлик манбаидир. Исо эса тинчликнинг тимсолидир. Муқаддас Руҳ тинчлик ўрнатилишига ёрдам берувчи воситачидир. Галатияликларга мактубда шундай дейилган: «Илоҳий Руҳнинг самараси эса — муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибодир» (Гал. 5:22). Худо адоватдан нафратланади. Одамлар: «Бу қандай Худо ўзи? Сиз бу урушларга қаранг!» деб айтишади. Худога урушлар керак эмас. Унда нима учун У урушларга барҳам бермайди? Чунки урушларни У бошламаган. Булар Унинг урушлари эмас. Худо пайғамбар Ермиёнинг тили орқали шундай деган: «Чунки сизлар учун тузган режаларимни аниқ биламан. Ушбу режаларим сизларга ёмонлик эмас, яхшилик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради» (Ерм. 29:11). Исонинг сўзларини эсланг: «Буларни сизларга Менда хотиржам бўлишингиз учун айтдим. Дунёда қайғу-алам чекасизлар; лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим» (Юҳ. 16:33). Биз, масиҳийлар, Раббийда бўла оламиз ва Унда тинчликни қўлга кирита оламиз. Майли, атрофда ҳамма нарса тартибсизлик ва бесаранжомлик ботқоғига ботган бўлса-да, тинчлик Шоҳини билган ва тинчлик Руҳида яшаётган одамнинг доимо бошпанаси, қутураётган денгизда эса осойишта оролчаси бўлади. ТИНЧЛИК ЭЛЧИЛАРИ Биз — тинчлик элчиларимиз. Чунки Муқаддас Ёзувда шундай дейилган: «…Раббимиз бизни тинчликка чорлаган» (1 Кор. 7:15). Коринфликларга Иккинчи мактубда қуйидагилар айтилган: Буларнинг ҳаммасига Худо сабаб бўлди. У Масиҳ орқали бизни ўзи билан яраштирди, ҳамда одамларни Худо билан яраштириш хизматини бизга берди. Ҳа, Худо Масиҳ вужудида бўлиб дунёни Ўзи билан яраштирди, одамларнинг гуноҳларини ҳисобга олмади. Бу ярашиш тўғрисидаги хабарни етказишни эса бизга топширди. Шундай қилиб, биз Масиҳ учун элчилик қиляпмиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Биз Масиҳ номидан ёлворяпмиз: Худо билан ярашинглар! 2 Кор. 5:18-20 Биз — том маънода Худонинг тинчлик жамоасимиз. Муқаддас Ёзувда бу ҳақда жуда кўп айтилган. Масалан, мана бундай: «Масиҳ ато қилган тинчлик дилингизда ҳоким бўлсин. Сизлар бир баданнинг аъзолари каби тинч- тотув бўлишга даъват этилгансизлар. Шунингдек, миннатдор бўлинглар» (Кол. 3:15). «Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Флп. 4:7). Сиз: «Мен тинчлик ўрнатувчи сифатида нима қилишим керак?» деб сўрашингиз мумкин. Мен бу ерда учта нарса ҳақида алоҳида тўхталмоқчи эдим: Биринчидан, ўзингиз Худо билан ярашинг. Худди Павлус айтганидай, роҳат-фароғат Хушхабарини қабул қилинг. «Тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар» (Эф. 6:15). Илгари биз Худо билан уруш ҳолатида эдик. Аммо Масиҳ тақводорлиги бизга топширилганда, биз У билан ярашдик. Уруш тамом бўлди. Биз бу тинчликни асрашга мажбурмиз. Ҳар сафар биз гуноҳ қилганимизда, бу тинчлик бузилади ва бизнинг Худо билан мулоқотимиз узилади. Биз дарҳол Худо ва бизнинг ўртамиздаги тинчлик тикланиши учун ўз гуноҳимиз учун тавба қилишимиз керак. Иккинчидан, бошқаларнинг Худо билан ярашишларига ёрдам беринг. Тинчлик ўрнатишнинг энг ажойиб томони шуки, биз Худо билан курашаётган ҳар қандай одамнинг олдига келишимиз ва унга Худо билан ярашишига ёрдам беришимиз мумкин. Бундай одам Исо Масиҳга мурожаат қилиб, Худо билан ярашиши биланоқ, у ўша заҳоти биз билан ҳам ярашади. Чунки у Худо ўғли, айни пайтда бизнинг биродаримиз бўлади. Эзгу хабар — бу тинчлик ўрнатишдир. Агар мен тинчлик ўрнатувчи бўлсам, тинчлик Хушхабарини тарғиб қиламан. Бундан мақсад — инсон ва Худо ўртасидаги адоватга, одам ва Масиҳ Танаси ўртасидаги адоватга чек қўйиш ва бу одамга тинчликни қўлга киритишига ёрдам беришдир. Ҳаворий Павлус ана шундай тинчлик ўрнатувчилар ҳақида сўз юритади: «Юборилмасдан туриб, Каломни қандай тарғиб қиладилар? — Тавротда ёзилганидек: «Нақадар гўзалдир эзгулик муждасин, тинчлик Хушхабарини келтирган оёқлар!» (Рим. 10:15). Сиз ҳақиқий тинчлик ўрнатувчи бўлишни хоҳлайсизми? Кимгадир Исо Масиҳ ҳақида сўзлаб беринг. Ўзига бино қўйган фарзийлар, Рим билан адоватлашишга, ҳаммага ўзларининг илоҳий таълимотларини ўтказишга ва одамларга жабр қилишга ҳақлимиз, деб ҳисоблаганлар. Улар ҳамма жойга адоват ва низо уруғини сочганлар. Фарзийлар одамлардан нафратланганлар. Жамиятни ёмон ниятли тўдаларга ва гуруҳларга бўлганлар. Исо уларга шундай деган: «Сиз ҳамма нарсада ноҳақсизлар. Худога руҳан сара одамлар керак эмас. Худога камбағал ва Унга ҳеч нарса таклиф қила олмайдиган заиф, аммо тинчлик излайдиган гуноҳкор керак». Учинчидан, одамлар билан ярашинг. Улар бир-бирлари билан ярашишларига ёрдам беринг. Бу ҳар доим ҳам осон эмас. Аммо тинчлик ўрнатувчи одамлар орасига кўприк қўйиши мумкин. Исо шундай деган: «Шундай қилиб, сен хайр-эҳсонингни қурбонгоҳга олиб келганингда, агар у ерда биродаринг сендан хафа экани ёдингга тушса, хайрэҳсонингни у ерда, қурбонгоҳ олдида қолдир ва бориб, аввал биродаринг билан ярашгил. Шундан кейин келиб, хайр-эҳсонингни бажо келтир» (Мат. 5:23-24). Ким биландир адоватда эканлигимизни билиб туриб, жамоатга боришимизни ва Худога эътиқод қилишимизни У хоҳламайди. Қолаверса, Матто Хушхабарининг бешинчи бобида айтилганидек, Исо бизга ҳатто душманларимизни ҳам севишни буюради. Шунингдек, бизни лаънатлаганларни дуо қилишимизни, биздан нафратланганларга яхшилик қилишимизни, бизнинг номимизга иснод келтирганлар учун, бизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилишимизни амр этади. Нима учун? Чунки ана шундагина биз осмондаги Отамизнинг ўғиллари бўлишимиз мумкин (қаранг: Мат. 6:45). Агар биз ҳатто душманларимизни ҳам севишга ўргансак, Худо фарзандлари бўламиз. Бу амр бизга «Худо фарзандлари» унвонини ваъда қилади. Баъзида бу учун кўп машаққат чекишга тўғри келади. Баъзида эса бу умуман имконсиз бўлади. Шунинг учун Павлус шундай деб ёзади: «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар» (Рим. 12:18; курсив меники. — Дж. М.). Баъзида одамларнинг бизга ёрдам бергилари келмайди. Аммо бу дегани — биз улар билан ярашиш ҳақидаги фикримиздан қайтишимиз керак, дегани эмас. Исо шундай дейди: «…ўзаро тинч-тотув яшанглар» (Мк. 9:50). Бу бизнинг умр йўлдошимизга ҳам тааллуқли, шундай эмасми? Агар нимадир сизнинг Худога ибодат қилишингизга тўсқинлик қилса, сиз, эҳтимол, эр ёки хотин ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритишингиз керак. Ҳаворий Бутрус қуйидагича насиҳат қилади: «…Сиз, эрлар, хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманл бўлгани учун, уларни ҳурматга сазовор ҳисобланг ва ибодатларингизга халал берманглар» (1 Бут. 3:7). Эр хотинга: «Майли, азизим, бу ҳақда бошқа гаплашмайлик, айниқса жамоатхонага отланаётганимизда: ахир, биз бугун эрталаб Худога ибодат қилишимиз керак», деган гапга ўхшаган нимадир айтганда, сиз вақтинчалик ярашишга эмас, ҳақиқий тинчликка интилишингиз керак. Бу тинчлик эмас — бу совуқ уруш. Сиз бу жанжални ҳал қилишингиз керак. Тинчлик ўрнатувчи бўлинг. Эҳтимол, бу сизга бирон зарар етказар. Эҳтимол, сиз ҳатто бу учун озор чекарсиз. Хуллас, тинчлик ўрнатувчининг вазифаси ана шундай. Исо ҳам шундай йўл тутган. У эса биз учун намунадир. Биз сабр билан тинчлик ўрнатувчи бўлишга ўрганишимиз керак. Мен биров билан мулоқот қилаётган бўлсам, бизнинг орамизда бир-биримизга нисбатан ҳеч қандай адоват бўлмаса, аммо илоҳиёт масалалари бўйича баъзи келишмовчиликлар бўлса, мен унга ҳеч қачон: «Мен сизга яна ниманидир айтишим керак!» демайман. Мен ўзга бир одамни ўз фикрларим билан чарчатишни хоҳламайман. Унга: «Сиз менга қулоқ солишингизни Худо хоҳлайди», деб ўз фикримни ўтказишни ҳам истамайман. Йўқ, мен доимо умумий бир нарсани топишга, ўзаро битимга келишга ҳаракат қиламан. Чунки тинчлик — устига муносабатларни қуриш мумкин бўлган ягона пойдевордир. ТИНЧЛИК ЎРНАТУВЧИЛИК УЧУН МУКОФОТ Агар сиз тинчлик ўрнатувчи бўлсангиз, нима юз бериши сизни қизиқтирадими? Амрга кўра, сиз Худо ўғли бўласиз. Бундан ҳам юқорироқ унвон бормикан? Мен Макартурлар — кўҳна шотланд авлоди вакили эканлигимдан хурсандман. Менинг авлодимда генерал, ҳатто миллионерлар ҳам бўлган (аммо бу фазилат менда мутлоқо акс этмаган!). Мен ўз отамнинг ўғли ва буюк Парвардигор набираси эканлигимдан бахтлиман. Бироқ Худонинг ўғли унвони билан бирон нарса — ҳеч нарса тенглаша олмайди. Тинчлик ўрнатувчиларнинг мукофоти ана шунақа — Худонинг ўғиллари деб аталишдир. «Ўғиллар» — грекча huios, «болалар» маъносини билдирадиган tekna эмас. Tekna сўзи фақат ота-оналик туйғуларининг илиқлигини ифодалайди. Huios сўзи шарафни, ҳурматни ва алоҳида ҳолатни кўзда тутади. Демак, Масиҳ нафақат Худонинг бизга севгиси ҳақида, балки Унинг ўғиллари деб аталиш каби буюк шараф ҳақида гапиради. Мен ота сифатида ўз болаларимни ўз уйимдан кўра кўпроқ севаман. Худонинг уйи — олам ва У мени Ўз уйидан кўра кўпроқ севади. Мен болаларимни ўз мулкимдан кўра кўпроқ яхши кўраман. Ёқуб учун унинг кичик ўғли Бенямин дунёдаги ҳамма нарсадан азизроқ бўлган (қаранг: Ибт. 44:30). Худо ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Чунки Унинг юраги сизга ва менга бўлган буюк севги билан тўла. Биз — Унинг болаларимиз. Муқаддас Китобда айтилишича, У бизни гўё кўз қорачиғидай асрар экан. Чунки қорачиғ, яъни кўз — бу махсус ҳимояга муҳтож энг нозик, ҳар қандай жисмнинг энг нимжон қисмидир. Агар кўзимизга нимадир кирса, биз азоб чекамиз. Худо ҳам худди шундай туйғуларни ҳис қилади. Ким Унинг болаларига тегиб кетса, худди қўли билан Унинг кўз қорачиғига тегиб кетгандай бўлади. Малаки пайғамбарнинг Китобида биз Унинг хазинаси деб аталганмиз (Рус Синодал Инжилда — Унинг мулки. — Изоҳ тарж.) (қаранг: Мал. 3:17). Ишаё, У бизга «абадий» ном беради, дейди (қаранг: Ишаё 56:5). Забурнинг 55-саносида Худо бизнинг кўз ёшларимизни Ўз шишасида сақлайди, дейилган. Ахир, бу ажойиб эмасми? Қадимги яҳудий анъаналарига кўра, йиғлаётганлар кўз ёшларини махсус шишаларда йиғишар экан. Мақсад — ҳаммага ўзларининг қандай кучли қайғурганларини намоён этиш бўлган. Худо бизнинг кўз ёшларимизни Ўз шишасида худди азоб-уқубатларимизнинг далили сифатида асрайди. Аммо энг ажойиби бизни ўлимдан кейин кутади: «Ўз азизларининг ўлими Худованд назарида бебаҳодир» (Заб. 115:6). Биз ҳақиқатда ҳам Худо учун жуда азизмиз. Чунки биз — Унинг болаларимиз. У бизни шоҳлар, муқаддаслик, ворислар деб атайди. 15-санода У бизни «асл» кишилар дейди (қаранг: 3-оят). Биз «шарафли ва муқаддас идиш» деб аталганмиз (қаранг: 2 Тим. 2:21). Ёзувда айтилишича, У бизга Ўзининг ёнида тахтга ўтиришга ижозат беради (қаранг: Ҳав. 3:21)! Худди болалар отанинг тиззасига тирмашиб ўтиришиб олгандай. Сиз қачонлардир Худо ўғли бўлиш нима эканлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Худо сизни чексиз ва абадий севги билан севади. У сизнинг гуноҳ ва камчиликларингизга марҳамат ила қарайди. Худо сизнинг унча яхши бўлмаган хизматингизни ҳам қабул қилади. Худо сизнинг ҳар бир муҳтожлигингизни тўлдиради, сизни хавф-хатарлардан асрайди. Сизга Ўз мангу ҳақиқатларини очади. У сизни кечиради ва сизнинг ҳар бир гуноҳингизни кечиришни давом эттиради. Худо сизни бор нарсасининг вориси деб эълон қилди. Худо ҳар доим сизнинг фойдангизни кўзлаб иш қилади. У сизни мангу ҳалокатдан асрайди. У сизга осмонларни ҳадя қилади. Сиз қатъий ишонч билан, мен Парвардигорнинг ҳақиқий ўғли — тинчлик ўрнатувчиман, дейишингиз мумкин. 10-боб. «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…» (Мат.5:10-12) 1-қисм «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган». Мени тақводор, ҳузур-ҳаловат амрларини бажарадиган одам бир вақтнинг ўзида тинчлик ўрнатувчи ва умумий хотиржамликнинг бузувчиси бўлгани ҳақидаги мисралар ҳаяжонга солади. Улар бу учун жабр-зулм кўрадилар ва таҳқирланадилар. Исо ҳам худди шу ҳақда гапирганини биз эслаймиз. У худди тинчлик Шоҳи сифатида келганини, аммо ерга тинчлик эмас, қилич келтирганини айтади (қаранг: Мат. 10:34). Сиз ҳузур-ҳаловат амрларини ўрганганингизда ва бу амрларга қатъий риоя қиладиган одамни тасаввур қилишга ҳаракат қилганингизда, ўзингизни йўқотиб қўйдингиз, тўғрими? Бунинг ҳаммаси жуда тўғри, ҳақиқат бўла олмайдигандай, чиройли витринани эслатгандай туюлади. Наҳотки, ҳар куни бу ақлга сиғмайдиган талабларни бажариб яшаш мумкин? Наҳотки, бу буюк мезонларга мос келиш мумкин? Эҳтимол, Худо бизга худди ёғочдан, тошдан ёки шишадан ясалган авлиёларга муносабатда қилгандай муносабатда бўлар. Менинг ўйлашимча, йўқ. Менимча, Тоғдаги ваъзнинг бу муқаддимасида Исо ҳақиқий масиҳийнинг суратини чизади. Албатта, бу юксак камолотдир. Аммо Худо ҳеч қачон инсон гуноҳкор эканлиги сабабли Ўз талабларини пасайтирмайди. Инсон Масиҳда Худо томондан белгиланган мезонларга етиб олиши учун Худо унга фақат Масиҳни ҳадя қилади. Биз аллақачон кўрдикки, Худонинг бу тамойилларига асосан яшайдиган одам ҳақиқатан бахтлидир, уни ҳақиқатан Худо марҳаматлагандир. Ҳақиқатда ҳам Руҳдан туғилган ҳар қандай одам Исо Масиҳнинг олдига юрагидаги ушбу ниҳолчалар билан келади, гарчи улар қанчалар заиф ва ривожланмаган бўлса ҳам. Эҳтимол, бу сифатларнинг куртаклари илгари ҳам ўзини намоён этгандир. Шунинг учун ҳам улар то кучга тўлмагунча ва бизни Масиҳга ўхшаган қилмагунча ўстириш зарур. Балки, биз бу амрларни фақат жуда кам даражада бажара олармиз. Аммо агар бир куни қайғули руҳ билан, ўз гуноҳларимиз ҳақидаги қайғули кўз ёшлар билан Масиҳ ҳузурига келган бўлсак; агар биз итоаткорлик билан муқаддас Худо олдида руҳий очлик ва тақводорлик ташналигини ҳис қилиб бош эгсак; агар биз мурувватни, покликни ва Худо билан ярашишни қидирсак ва агарда буларнинг бари биз билан бирга бўлса — демак, биз аллақачон Унинг Шоҳлигига кирганмиз. Энди бу ниҳоллар ўсиши ва мустаҳкамланиши керак. Ва уларнинг заифлигига, нимжонлигига қарамай, бу куртаклар сизнинг ҳаётингизни бошқаради ва тўғри йўлга солади. САККИЗИНЧИ АМР — ОЛДИНГИ ЕТТИТАСИНИНГ НАТИЖАСИ Агар сиз етти зинанинг ҳаммасини босиб ўтган бўлсангиз, демак, саккизинчисига кўтарилишга тайёрсиз: «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Биз Худо хоҳлаганидай яшай бошлаганимизда, оғриқ ва азоб уқубатларга дуч келамиз. Биз тинчлик ўрнатувчилар бўламиз. Бироқ бир вақтнинг ўзида биз хотиржамликни бузувчилар ҳам бўламиз. Ҳаворий Ёқубнинг сўзларига қулоқ тутайлик: «Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда, уни катта севинч билан қабул қилинглар. Шуни билингларки, имонингизнинг синалишидан сабр-тоқат ҳосил бўлади. Сабр-тоқат тўла самарасини кўрсатсин, токи сизлар ҳеч бир нарсадан камчиликсиз, комил ва нуқсонсиз одамлар бўлинглар» (Ёқуб. 1:2-4). Ҳаворий Бутрус бизга қуйидагича насиҳат қилади: «Худо ҳар хил меҳру иноятнинг манбаидир. Исо Масиҳ орқали У бизни Ўзининг абадий, улуғвор жаннатига даъват этган. Қисқа бир муддат азоб чекканингиздан кейин, Ўзи сизларни мақсадингизга эриштиради, куч-қудратли, саботли ва мустаҳкам қилиб қўяди» (1 Бут. 5:10). Ҳақиқий масиҳийнинг ҳузур-ҳаловат амрларида санаб ўтилган барча хусусиятлари ёвузлик ва гуноҳ дунёсининг ғазабини қўзғайди. Дунё руҳан камбағаллар билан мулоқот қила олмайди. Чунки у такаббурлик, худбинлик руҳига мубтало ва фақат ўз муваффақиятлари ва ютуқлари билангина банд. Дунё гуноҳлар ҳақида қайғуришни ёмон кўради. У умуман гуноҳга эътибор беришни ҳам хоҳламайди. Дунё ҳаммаси яхши деб ўзини ишонтирмоқчи бўлади. Дунё итоаткорликни ёмон кўради. Чунки у такаббурликка сиғинади. У беозорликка чидай олмайди. Чунки беозор биладики, инсоннинг ўзи ҳеч нарсага арзимайди ва ўз кучи билан эриша олмайдиган ниманидир излайди. Дунё мурувват, поклик ва тинчлик ўрнатувчилик ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Бу барча масиҳийлик қадриятларининг дунёвий тизимига сира мос тушмайди. Бундан бир неча йил илгари Cosmopolitan журнали (1978 йилнинг февралида) тадқиқот натижаларини нашр қилди. Бундан мақсад — ҳақиқий бахтли одамлар қандай одамлар эканлигини аниқлаш эди. Натижа шундай бўлди: бахтли одамлар бошқаларга яхши муносабатда бўлар экан. Аммо улар ўз манфаатларидан воз кечишни хоҳламайдилар. Бахтли одамлар салбий туйғуларга ёки хафагарчиликларга сабаб бўладиган бирон нарсада қатнашишни истамайдилар. Бахтли одамлар ўз-ўзларига ишонадилар. Бу ишонч уларга хос тўқлик туйғуларига асослангандир. Воажаб! Фарзийларнинг ҳақиқий сурати! Бу тавсиф бахтли одамнинг Исо берган ўша таърифига тамомила зиддир. У ўзига ишонган одам эмас, балки ўзини камбағал, ҳеч нарсасиз кўрган одамгина бахтли дейди. Яна Унинг айтишича, ким мағрур эмас, камтар бўлса; ўз-ўзидан мамнун бўлмай гуноҳлари ва муқаддас Худодан узоқлаштирилгани учун қайғурса; ким ёрдамга муҳтож эканлигини тан олиб, итоаткорлик билан Худога мурожаат қилса; ким таъқиблар хавфига қарамасдан тинчлик ўрнатса ва мурувватли бўлса — ўша бахтлидир. Дунёвий дунёқараш ва илоҳий ҳақиқат орасида қанчалар тубсиз жарлик борлигини биз энди аниқ кўряпмиз. Қаерда дунё масиҳийликка дуч келса, ўша ерда доимо адоват ва жанжаллар пайдо бўлади, бир-бирини айблашлар ва таъқиблар бошланади. Агар сиз ҳузур-ҳаловатнинг биринчи еттита амрини бажарсангиз, албатта ҳақиқат учун жон куйдирасиз ва зарар кўрасиз. Бизнинг охирги амримизнинг учта таркибий қисмини кўриб чиқайлик: таъқиб қилишлар, онт ичиш ва янгича ички кайфият. Биринчисидан бошлаймиз. ЗИДДИЯТ ВА ЖАБР-ЗУЛМ 10-оятда жабр-зулм ҳақида анча умумий қилиб айтилган: «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…». 11-оят эса аниқроқ тушунча беради: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз!» Аммо баъзи бир фарқларга қарамай, иккала оятда ҳам битта амр ҳақида сўз юритилади. Амрнинг иккала қисмида айтилган гапларнинг натижаси 10-оятнинг сўнгида шаклланган: «…Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Шундай экан, нега битта амрда биз икки хулосани кўряпмиз? Менинг фикримча, Парвардигор жабр кўрганларни ҳам, ҳақоратланганларни ҳам марҳаматлагани учун. Улар кимлар, бу жабр кўрганлар, ҳақиқат учун қувғин қилинганлар ва Раббий номи учун ҳақоратланганлар? Матнда бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган, аммо буни билиб олиш қийин эмас. 10 ва 11-оятларда марҳамат қилинганлар — 3–9-оятларда ўша марҳаматланган одамлардир. Уларнинг ҳаммаси ҳузур-ҳаловат амрлари бўйича яшайдиганлар, улар Шоҳлик табаалари. Сиз биринчи етти амрга қанчалар риоя қилган бўлсангиз, саккизинчи амрда сўз юритиладиган ҳузур-ҳаловатдан шунчалик баҳрамандсиз. Тимотийга Иккинчи мактубда Павлус бизнинг замонамизни эслатадиган келажак кўринишини тасвирлаган. У шундай ёзади: «Бошимга келган қувғинларни — Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида чеккан азобларимни эшитдинг. Қандай қувғинларга сабр-тоқат қилдим! Раббим мени ҳаммасидан қутқарди» (2 Тим. 3:11). Павлуснинг ёзишича, у Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик бериб турувчи Шоҳлик ўғли каби яшагани учун қувғин қилинган эди. 12-оятда у қўшимча қилади: «Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган». Мана сизга Масиҳга ўхшамоқчи бўлган ҳар қандай одамнинг жабр кўришига далил! Бошқа мактубда Павлус жуда оддий фикрни билдирган: «Ўша вақтда табиий йўл билан туғилган Исмоил илоҳий ваъда бўйича туғилган Исҳоққа зулм этди. Ҳозир ҳам худди шундай» (Гал. 4:29). Ўша пайтдан бери ҳеч нарса ўзгармади. Биз то масиҳийлар эканлигимизни ҳеч ким билмагунча, ҳамма нарсада муваффақият қозонаверамиз. Аммо масиҳийча яшай бошлаганимиз заҳоти, ҳузур-ҳаловат амрларига риоя қилиб яшай бошлаганимиз заҳоти ва Масиҳга ўхшаб гуноҳларни фош қилиб, яъни Унинг азоб-уқубатларига шерик бўлиб бу дунёда тақводор ҳаёт кечиришни бошлаганимиз заҳоти, биз ҳақиқатан ҳам тез орада танадан туғилганлар руҳдан туғилганларни доимо таъқиб қилишларига гувоҳ бўламиз. Бу дунёда иблис ва унинг малайларига қарши туриб яшаш — биздан Эзгу хабарни қабул қилмайдиган одамлар томонидан зиддият ва жабр-зулмни қўзғатиш демакдир. Масиҳ амрлари бўйича яшаш — дунёнинг ғазабини бундан бошқа яна нима қўзғата олади? Исо Масиҳ бу дунёда яшаган пайтида ҳам худди шундай бўлган. Ҳеч кимда Исо Масиҳникига ўхшаган меҳр-муҳаббат йўқ эди. Баъзилар Унинг муҳаббатига жавоб беришди, баъзилар эса ҳатто Унинг дунёсига киришди. Аммо илгари сира кўрилмаган бу севги олийжаноблигига, сахийлигига, раҳмдиллигига ва тинчликсеварлигига қарамасдан, ҳамма ерда инсоний нафратга дуч келарди. Нега? Чунки У ҳеч қачон ён бермас эди. Тақводорларнинг турмуш тарзига қаранг. Сиз уларнинг доимо ўз эътиқодлари учун жарб чекканларини кўрасиз. Бу ҳолат ўз укаси Ҳобилнинг тақводорлигига чидай олмаган имонсиз ака томонидан ўлдирилганида бошланган эди. Бу ҳар доим ҳам жуда қимматга тушарди. Пуритан ёзувчиси Томас Уотсон шу билан боғлиқ ўз туйғуларини жуда ифодали қилиб қуйидагича тасвирлаган: Эътиқод ҳеч қачон тақводорларни — улар қандай беозор, мурувватли ва пок юракли бўлмасинлар, жабр-ситамлардан қутқара олмайди. Улар ўз арфаларини бир четга қўйиб, қўлларига хоч олишларига тўғри келади. Самоларга йўл тиканлар билан қопланган ва қон билан суғорилган… Агар сиз Масиҳнинг кетидан юрмоқчи бўлсангиз, мана шуларни ҳисобга олинг: сиз қилич ва даррага дуч келасиз. Майли, хоч сизнинг эътиқодингизнинг рамзи бўлсин[15]. ЖАБР-СИТАМЛАР — НАЖОТ ТОПИШИМИЗНИНГ ИСБОТИ СИФАТИДА Нима бўлганда ҳам, жабр-зулмлар бизнинг нажот топишимизнинг энг ишончли исботидир. Муқаддас Ёзув шундай дейди: «Худо сизларга Масиҳга ишонишнигина эмас, балки Масиҳ учун азоб чекиш тақдирини ҳам насиб этган…» (Флп. 1:29). Бундан сал олдинроқ нима дейилганига эътибор қилайлик: «Сизларга қаршилик кўрсатаётганларнинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан чўчиманглар. Ана шу уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса халос бўлишингиздан далолат бермоқда. Зотан бу — Худонинг иши» (Флп. 1:28). Бошқача қилиб айтганда, бизнинг душманларимиз Инжил ваъзидан, бизда ва бизнинг ҳаёт тарзимизда бўлган Масиҳдан нафратланиб бизга қарши бош кўтарганлар. Шуни билингки, бу уларнинг лаънатланганликларининг исботи ва уларни дўзах азоби кутаётганлигининг тасдиғидир. Биз учун эса бу нажот топиш белгисидир. Агар сиз гуноҳлардан фориғ бўлган Худо фарзанди сифатида яшасангиз ва бу даҳрий дунёнинг адоватли муносабатларига дуч келсангиз, демак, сиз ҳақиқатан ҳам нажот топгансиз. Ҳаворий Павлус: «…токи бу қайғулар билан яна бирортаси йўлдан тойиб кетмасин…» (Сал. 3:3), деб огоҳлантирган. Биз жабр-зулмлардан қўрқмаслигимиз керак. Нима учун? Сўнг жавоб берилади: «…Тақдиримиз қайғули эканлигини ўзларингиз биласизлар». Худонинг режаси ана шундай. Биз ҳамма нарсада Масиҳга ўхшашимиз керак: ҳамма севадиган ва нафратланадиган, ҳурмат қиладиган ва ғазабланадиган. 4-оятда Павлус қўшимча қилади: «Биз ёнингизда бўлганимиздаёқ, биз учун қайғусизлик бўлмайди, деб сизларга таъкидлаган эдик. Билганингиздек, худди шундай бўлди». Павлус масиҳийнинг тақдири ана шундай эканлиги ҳақида гапиради. Шундай бўлиш керак. Сиз Масиҳ учун жабр-ситам чекишингизни ва жабр-зулмлар — бу сизни жабрловчиларнинг лаънатланиш белгиси эканлигини сиз билгансиз, дейди Павлус. Агар бизнинг ҳаётимиз хотиржам ўтаётган бўлса, агар жабр-зулм йўқ бўлса, агар биз ҳеч кимга халақит бермаётган бўлсак, ҳеч кимнинг тинчини бузмасак ва атрофимизда жанжаллар бўлмаса, шунда ўзимиздан сўрашимиз керак: бизда ҳамма нарса жойидами? Бугунги кунда биз, Шимолий Америка аҳолиси, анча яхши шароитда яшаяпмиз. Давлатимиз томонидан ўз эътиқодимиз учун қувғинларга, жабр-ситамларга дучор қилинганмиз. Бироқ ҳаммаси ўзгариши ҳам мумкин. Аммо сиз қаерда яшаманг, агар сиз гуноҳлари кечирилган Худо ўғлининг ҳаёт тарзини олиб борсангиз, агар амрларга риоя қилсангиз, агар сиз ўз Самовий Отангизга итоаткор бўлсангиз ва дунёга Масиҳ тақводорлиги билан кирсангиз, сиз доимо шайтоннинг асабига тегасиз. Ҳар доим. Бизнингча, дунёда масиҳийларга муносабат ўзгарганлиги сабабли, биз ўз-ўзимиз билан ғурурлана оламиз. Чунки биз машҳур бўлиб боряпмиз. Масиҳийлар орасида ҳатто машҳур одамлар ҳам учраб туради. Масиҳийлар ўзлари яшаётган жамиятнинг бир қисми бўлиб боряптилар. Аммо бунинг сабаби дунёнинг ўзгаргани эмас. Бунга сабаб — биз тақводорлик мезонларини пасайтирдик. Бизнинг орамизда шундай одамлар борки, улар ўзларини масиҳий деб атайдилар. Аммо улар тақводорлик ҳаётига мос равишда яшамайдилар ва масиҳий номига лойиқ эмаслар. Агар бу шундай бўлмаганда эди, улар яшаб турган жамият бундайларни улоқтириб юборарди. Дунё бизга сабрлироқ бўлганга ўхшаб кўринади. Аммо аслида биз унга сабрлироқ бўлдик. Биз машҳурликни, шон-шуҳратни ва одамларнинг рағбатларини ахтарамиз. Аммо биз Худога ёқадиган тақводорона ҳаёт билан яшасак, дунё биз билан низолашади ва биздан нафратланади. Албатта, бундан бизнинг ҳаммамиз бутун ҳаёт давомида таҳқирланишимиз керак, деган хулосага келмаслигимиз лозим. Масиҳнинг айтишича, дунё бизнинг орамиздан ўз қурбонларини танлаб олади. Бу дунёда тақводорлик ҳаётини кечирадиган барча инсон эртами, кечми, ўзларига нисбатан душманларча муносабатни сезадилар. Нима яхшироқ: тириклайин гулханда куйдирилишми ёки бутун ҳаёт давомида сизнинг эътиқодингиз одамларга ёқмагани сабабли хизмат зинасидан биронтасига ҳам кўтарилмай ўтишми — буни айтиш қийин. Ёки Масиҳга содиқ бўлганингиз учун бутун умр қувғинга дуч келишми? Ёки сиз қўшниларингизнинг заиф томонларига йўл бермай, уларни фош қилганингиз учун улар ўзларини сиздан олиб қочадилар. Сиз ҳатто ўз қўшниларингиз томонидан ҳам таҳқирланиб яшайсиз. Албатта, буларнинг ҳаммасини четлаб ўтиш ва жабрзулмни билмай ҳам яшаш мумкин. Бунинг учун, биринчидан, дунё мезонларига мос бўлиш ва дунё ахлоқ тарзи ва этикасини қабул қилиш керак. Бу дунёдаги одамлар қандай яшаса, шундай яшаш лозим: уларнинг ҳазил-мутойибаларига кулиш, уларнинг эрмакларини севиш, улар Худони мазах қилаётганларида жилмайиш. Унинг номи беҳуда тилга олинишига кўз юмиш. Уларнинг гуноҳкор эканликларини, улар Исо Масиҳсиз ҳалокатга учрашларини уларнинг юзларига айтмаслик. Шунингдек, улар ўлимга маҳкумликлари ҳақида индамаслик. Ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда уларга дўзах азоблари ҳақида эслатмаслик! Сиз сира жабр кўрмаслигингизни мен сизга ваъда қиламан. Агар сиз шундай ҳаётни танласангиз, унда ўзингиздан сўранг: сизда эътиқод борми? Эҳтимол, сиз итоатсизликда яшаётган масиҳийдирсиз. Балки, сиз умуман масиҳий эмасдирсиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам Исонинг сўзларини унутманг: «Ким Мендан ва Менинг сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли ҳам Ўзи, Отаси ва муқаддас фаришталар салобати ила келганда, ундан уялади» (Лк. 9:26). Раббий яна шундай деган: «Сиз ҳақда хуш гапирса-да ҳамма инсонлар, бу ҳолда ҳам ҳолингизга вой! Сохта пайғамбарларга ҳам оталари шу йўлни тутган» (Лк. 6:26). Буни доимо эсда тутинг. Агар сизни бу дунёда яхши кўришса, демак, сиз ўз ҳақингиздаги ҳақиқатни билмайсиз. Сиз ё ўзингизнинг масиҳий эканлигингизни беркитяпсиз, ёки сиз умуман масиҳий эмассиз. Исо ҳузур-ҳаловат амрлари ҳақида одамларга айтиб, Ўз хизматини эндигина бошлаган пайтдаёқ Ундан нафратланганлар. «Фарзийлар эса дарров ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш чорасини топмоқ учун Ҳиродчилар билан тил бириктиришди» (Мк. 3:6). Исо зўрға Ўз Шоҳлигининг тамойилларини айтиб улгурди. Шу заҳотиёқ Унга бўлган нафрат тўлқини авж ола бошлади. Исо фарзийлар ва оломонга қараб шундай деди: «Қулоқ солинглар, Мен сизларга чинини айтаман: Менинг Шоҳлигимда яшаш учун сиз ҳақ тўлашингиз керак. На ҳурматиззатни, на мукофотни, на обрўни, на маъқуллашларни ва на умумхалқ муҳаббатига сазоворликни кутманг. Агар сиз Менинг Шоҳлигимга кирмоқчи бўлсангиз, жабр-зулм чекишингиз керак. Сиз буни албатта билишингиз лозим». Биз бу мавзуни кўпроқ тарғиб қилишимиз керак: биз одамларга Худо уларни бу дунёда яшагандай яшамасликка чорлашини ва бу учун ҳақ тўлаш кераклигини айтишимиз лозим. Тоғдаги ваъздан юз йиллардан ортиқ вақт ўтгандан сўнг Тертуллианга бир одам мурожаат қилди ва шундай деди: «Мен Масиҳга келдим. Аммо нима қилиш кераклигини билмайман. Менинг ишим бор, бироқ мен унинг адолатли эканлигига ишонмайман. Ахир, мен қандайдир қилиб яшашим керак-ку!» Тертуллиан жавобан шундай деди: «Яшашинг шартмикан?»[16] Бизнинг танлаш имкониятимиз йўқ. Биз ҳатто бу учун ўлишга тўғри келса ҳам фақат Масиҳга содиқликни танлашимиз мумкин. Илк масиҳийлар ўзларининг Масиҳга садоқатлари учун қандай ҳақ тўлаганларини сиз биласизми? Ўша пайтларда мажусийлар ибодатхоналарида турли худолар шарафига жуда кўп базмлар ва байрамлар уюштириларди. Бу тадбирлар кўпроқ дўстларнинг норасмий учрашувларига ўхшаб кетарди. Бу ерда мусиқа янграр, йиғилганлар рақсга тушиб, қурбонликлар қилишарди. Иш шунга бориб етдики, худоларга қурбонлик бераётган одамлар қурбонлик гўштини бекор сарфлашни хоҳламай қолдилар. Шунинг учун улар олдин олов устида ўлган ҳайвоннинг жунини куйдирардилар. Кейин эса гўштнинг бир қисмини ажратиб руҳонийга берардилар. Қолганини эса дўстлари даврасида авж олаётган хурсандчиликларни давом эттириш учун ўзларига олиб қолардилар. Масиҳий бўлганларидан кейин бундайлар ўзларидан шундай деб сўраганлар: Мен ва дўстларим нима билан шуғулланамиз? Бундан кейин ҳам санамлар учун мўлжалланган гўштни еявераманми? Бундан кейин ҳам ўйин-кулги қилиш учун бутпарастлар ибодатхонасига боравераманми? Ёки бу нарсаларни ташлаш учун ҳақ тўлашим керакми? Айнан ана шу танлов бугунги кунда бизнинг олдимизда ҳам турибди. Яҳудийни шармандалик билан ибодатхонадан, ҳатто ўз оиласидан ҳайдаб, бор мол-мулкидан маҳрум қилишлари мумкин эди. Агар биз Шоҳликда яшашни хоҳласак, биз халқ оломони орасида ёлғиз бўлишимизни билишимиз керак. Худди шунинг учун ҳам биз бир-биримизга муҳтожмиз. МАСИҲИЙЛИКНИНГ ИЛК АСРИДАГИ ЖАБР-ЗУЛМЛАР Ўша узоқ ўтмишда ҳам масиҳийлар ўз эътиқодлари учун жабр-зулм чекишларига тўғри келган. Уларнинг баъзиларини йўлбарсларга ташлаганлар, баъзиларини ёқиб юборганлар. Нерон масиҳийларга елим (смола) суришни буюрган ва тунги сайрларини ёритиш учун улардан тирик машъалалар қилган. У масиҳийларни ёввойи ҳайвонларнинг териларига солиб тикишни буюрган. Кейин эса уларга овчи итларни қўйиб юборишган. Бундан мақсад — итлар уларни тилка-тилка қилиб ташлашини хоҳлаган. Масиҳийларни қийноқ исканжасига қўйиб, уларнинг териларини шилиб олишган. Шилинган тери ўрнига эритилган қўрғошин қуйишган. Яна қиздирилган мис бўлакларини таналарининг энг сезгир жойларига босишган, кўзларини ўйиб олишган. Булар камлик қилгандай, масиҳийларнинг тана аъзоларини кесиб олиб, уларнинг кўз ўнгида оловда пиширишган. Азобни чўзиш мақсадида бир вақтнинг ўзида совуқ сув қуйиб, қўл ва оёқларини ёқишган. Римликлар Исонинг: «Менинг танамни енг ва қонимни ичинг» деган сўзларини баҳона қилиб, масиҳийларни одамхўрликда айблашган. Римликлар, масиҳийлар бирбирларининг гўштини ейди, деб уларга туҳмат қилишган. Улар масиҳийларнинг шаббат кечаларини айш-ишрат базмлари деб кўрсатиб, уларни бадном этишга ҳаракат қилишган. Масиҳийлар бир-бирларини қутлайдиган тинчлик бўсаси ҳам ноқонуний деб эълон қилинган. Масиҳийларни Римга ўт қўйишда айблашган. Улар, Худо барибир ҳамма нарсани кулга айлантиради, деганлари учун масиҳийларга жиноятчи каби тамға ёпиштиришган (қаранг: 2 Бут. 3:10). Шунинг учун Римдаги ҳар бир ёнғинни — бу масиҳийларнинг иши, деб айблаш қулай бўлган. Масиҳийликнинг илк асрларидаги жабр-зулмлар тарихи бизга жуда кўп нарсаларни очиб бериши мумкин. Масиҳ замонасида Рим империяси Британия оролларидан то Эвфрат дарёсигача, Олмониянинг шимолий чегараларидан то Шимолий Африкагача чўзилган эди. Бу ўша пайтдаги дунёнинг деярли ҳаммасини ўз ичига олган жуда катта ҳудуд эди. Римликларнинг энг катта ташвиши — империяни бирлаштириш эди. Улар Рим империясининг рамзи бўла оладиган ягона одам ҳоқон, шоҳ эканлигини тушунардилар. Шунинг учун ҳоқонни худо қилиш керак эди. Агар ҳаммани унга сиғинишга ва уни худди худо каби ҳурмат қилишга мажбур этилса, унда ҳамма жойда унинг шарафига ибодатхоналар қуриб ташласа бўлади. Бу эса ҳоқонликнинг жуда катта ҳудудини бирлаштиришга ёрдам берарди. Аввалига бу жуда секинлик билан амалга ошди. Аммо бир неча йилдан сўнг ҳоқонга ҳақиқий эътиқод қилиш тасдиқланди. Ҳар йили ҳоқонга мажбурий раишда мадҳия ўқиш маросими жорий қилинди. Бу маросим «Хоқон — Худо» сўзлари билан ўтказиларди. Ҳоқонга мадҳия ўқиганларнинг ҳаммаси libellus номли гувоҳнома олишарди. Шундан сўнг улар ўз хоҳишларига кўра истаган худога эътиқод қилиш ҳуқуқини қўлга киритишарди. Римликларга қандайдир бирлаштирувчи омил керак эди. Ҳоқоннинг шахси ана шундай омил бўлди. Масиҳийлар эса фақат: «Исо — бизнинг Раббимиз» дея олардилар, холос. Шунинг учун уларнинг ҳеч бири libellus унвонини олмади. Натижада улар доимо ўз Худоларига ноқонуний равишда эътиқод қилишарди[17]. Улар Масиҳни танлашди. Улар муросага келишдан бош тортишди. Уларни эътиқодидан қайтган муртадлар, қўзғолончилар, жиноятчилар, рим ҳоқонлигига таҳдид солувчилар деб аташди. Уларни бир шоир: «Ягона жиноятчи Исо Масиҳга эътиқод қилган бир гуруҳ жабр кўрганлар», деб атади. Улар ўз эътиқодлари учун ҳар қандай азобга чидашга рози эдилар. Сиз-чи? Сиз тайёрмисиз? ЖАБР-ЗУЛМНИНГ УЧ ТУРИ Эҳтимол, масиҳийларга бизнинг жамиятимизда шундай чидам билан муносабатда бўлишларига сабаб — бизнинг мезонларимиз пасайганидир. Биз доимо дунё билан муроса қиламиз. Исо, ҳузур-ҳаловат амрлари йўлида жабр-зулм муқаррар, деб огоҳлантирган. Бизни қандай жабр-зулмлар кутаяпти? 11-оятда мана нима дейилган: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз!» Бу ерда жабр-зулмнинг барча уч тури санаб ўтилган: ҳақоратлаш, қувғин қилиш ва ғийбат. «Қувғин қилинганлар» деб таржима қилинган грекча сифатдош dioko феълидан ясалган. У «кимнингдир кетидан қувмоқ», «ҳайдаб чиқармоқ» маъносини билдиради. Кейинчалик бу феъл «чарчатмоқ, ҳолдан тойдирмоқ ва камситмоқ» маъносини олди. Аслида Исо шундай деган: «Камситилганлар бахтлидир. Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир». Барча ҳузур-ҳаловат амрларидаги каби бу ерда ҳам гап инсоннинг ҳаётдаги нуқтаи назари ҳақида кетяпти. Бундай ҳаётий нуқтаи назарда одам ҳар қандай жабр зулмга тайёр бўлади. Бундай одам мард ва қўрқмас бўлади ва у шундай дейди: «Мен бу дунёда Исо Масиҳ буюрганидай одам бўламан. Мен бу дунёга Масиҳ хоҳлаган гапларни гапираман. Ва агар шу учун мени таъқиб қилишса, майли, шундай бўла қолсин». Грекча матнда бу ерда жабр-зулм кўришга рози одамларнинг чидамлиликларини кўрсатувчи мажҳул сифатдош қўлланилган. …рози одамлар, бахтлидир. Мажҳул сифатдош перфект шаклига эга. Бу эса ҳаракат натижаси ҳозир давом қилаётганини билдиради. Масиҳ амрларига мос ҳаётнинг натижаси — тақводорнинг ҳар қандай ҳолатларни итоаткорлик билан қабул қилишга доимий розилигидир. Менинг фикримча, бизнинг энг заиф жойимиз айнан ана шунда. Менинг ўзимга бу осон эмас. Мен ҳар доим ҳам айтганимни қилмайман. Кўпинча менда ёвузликка қарши туриш ва уни фош қилиш учун журъатим етишмайди. Мен доим ҳам номасиҳий дунёда масиҳийча яшашни истамайман. Менда кўпинча жанжаллардан қочиш учун дунё мезонларига мосланиш истаги туғилади. Албатта, мен ўзимни: «Агар мен бу одамларга ёқсам ва улар менга яхши муносабатда бўлсалар, бу ҳеч ҳам ёмон эмас. Чунки мен аста-секин уларга эзгу хабарни етказаяпман», — деб оқлайман. Аммо Худога ўз сўзида турмайдиган тарғиботчилар ва гувоҳлар, шунингдек, қўрқоқ пайғамбарлар ва ёлғончи эзгуликка чорловчилар керак эмас. Унга жасур, ҳар қандай жабру ситамларга чидашга тайёр хизматчилар керак. 1 аср масиҳийлари жабр-зулмларга, ҳақоратларга ва сўкишларга чидашга тайёр эдилар. Натижада кўпчилик озодликдан маҳрум эди, кўпчилик ҳалок ҳам бўлди. Агар биз ҳақиқий масиҳийлик ҳаёти билан яшасак, биз барча йигитлар каби базм кечаларига бормаймиз, бизнинг туманимиз қизлари қилаётган ишларни қилмаймиз. Биз илгари мулоқотда бўлган баъзи бир оилалар билан мулоқот қилмаймиз, улар қилган ишни қилмаймиз. Уларни биздан ўзларини олиб қочишга нима мажбур қилади? Бизнинг Масиҳга манзур ҳаёт тарзимиз. Энди биз уларнинг давраларига мос эмасмиз. Аммо худди шундай бўлиш керак. Oneididzo грекча сўзи «сўкиш; кимгадир таъна қилиш» маъносини билдиради. Бу сўз Матто Хушхабарида Масиҳни хочга михлаётганларида ишлатилган (Мат. 27:44). Одамлар Унинг устидан кулганлар, Уни мазах қилганлар, Уни сўкканлар ва юзига ҳақоратли, ёвуз ва шафқатсиз сўзларни айтганлар. Шундай қилиб, биз нафақат илгари яшаган жамиятдан қувғин бўламиз, балки бизни ёмонлаб ғийбат ҳам қилишади. Одамлар биз ҳақимизда ғазаб билан гапиришади. Бизнинг номимиз уларнинг ғазаб ва нафратларига сабаб бўлади. Исога худди шундай йўл тутганлар (қаранг: Лк. 22:64-65). Энг ёмони, ана шу ғийбатчиларнинг ичида биз учун азиз бўлган кишилар ҳам бўлиши мумкин. Мен доимо одамларнинг совуқ муносабатларидан азоб чекканман. Мен Худо хизматкори эканлигимни билиб кўплар ўзларини четга тортадилар. Айниқса, улар менинг бошқа Худо хизматкорларига ўхшамаслигимни — мен кўпроқ сабрсизроқ ва илтифотсизроқ эканлигимни кўриб, улар ўзларини кўпроқ четга тортишлари мени янада ҳайрон қолдиради. Менга қарата айтилган ёмон сўзларни қабул қилишга аллақачон ўрганганман. Ваъзхонлик учун хибсга тушишнинг қандай эканлигини мен биламан. Кунларнинг бирида мен Жанубда қора танли тақводорларга ваъз ўқидим. Ваъз тугагандан кейин мен унча узоққа кетиб улгурмай, кетимдан полиция машинаси қувиб етди. Ва мени қамоқхонага жўнатишди. Полициячилар, агар яна шундай қилсанг, ечинтириб, дарра билан савалаймиз, деб дўқ-пўписа қилишди. Бу воқеа Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган эди! Мен бунга чидай олишимга ишонаман. Лекин Исонинг айтишича, биз ҳақимизда «ёмон гапириб ғийбат қилишади». Агар сўзларим ёки ўзим кимгадир ёқмасам, бу мени ташвишлантирмайди. Аммо менга ўзим айтмаган гапларни айтгансан дейишса, бунга чидаш қийинроқ. Бундай ҳолда ўз-ўзингни ҳимоя қилишга ва ёлғончиларни фош этишга тўғри келади. Одамлар Исони рим аскарининг ноқонуний туғилган ўғли эканлигини исботлаб беришга ҳаракат қилганлар. Жамоатнинг бутун тарихи давомида Худонинг болаларига туҳмат қилиб келинган. Артур Пинкнинг таъкидлашича, инсон ахлоқсизлигининг энг ёрқин исботи шуки, Масиҳ дуолари ҳадя қилинган инсоннинг албатта одамлар томонидан лаънатланиши муқаррар. Инсон табиатан гуноҳкор эканлигининг қандай ажойиб кўриниши-а! Дунё лаънатлаганларга Масиҳ марҳамат қилади[18]. Худога ёққан ҳаёт имонсизларнинг қаттиқ ғазабини ва нафратини қўзғайди. Бу илоннинг муқаддас уруғга нафратидир. Масиҳ томондан яҳудийлар учун белгиланган мезонлар шунчалар баланд эдики, бу мезонлар уларни ер тишлатди. Ва сўнгида У шундай қўшимча қилди: «Ҳа, агар сиз бундай ҳаёт тарзини танласангиз, унда таъқибларга дуч келасиз, ўз уйларингиздан, ўз иш жойларингиздан, умуман жамиятдан ҳайдаласиз. Одамлар сиз ҳақингизда ёлғон гапиришади ва сизни ғийбат қилишади». Худо амрларига содиқ кишилар билан нега бундай бўлиши керак? Келинг, ўйлаб кўрайлик. Нега бу дунёнинг одамлари бизни ҳайдашади? Аслида улар биздан унчалик нафратланмайдилар. Бу бизга бироз бўлса-да таскин беради, шундай эмасми? Улар кимни ёмон кўришади? Масиҳни. Уларга биз эмас, бизнинг ҳаёт тарзимиз, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, бизнинг қалбимизда яшовчи Масиҳ ёқмайди. Исо Ўз шогирдларига шундай деган: «Агар улар Мени ўлдиришган бўлса, сизни ҳам ўлдиришади. Агар улар Мендан нафратланишса, улар сиздан ҳам нафратланадилар. Агар улар Мени ҳайлашса, сизни ҳам ҳайдашади. Чунки сизлар Меники эканлигингизни улар биладилар» (қаранг: Юҳ. 15:18). Исо гуноҳкор дунёга муқаддасликни ҳаракатда кўрсатиб берди. Ўзининг узоқ тарихи давомида дунё ҳеч қачон бунданда мукаммалроқ одамни кўрмаган. Ва борган сайин дунё ўзининг гуноҳли мағрурлигига ботиб борарди. ХУДОНИ ҲУРМАТ ҚИЛУВЧИ ТАҚВОДОРЛАРНИ ТАН ОЛМАЙДИГАН ГУНОҲКОРЛАРНИНГ ФОШ ҚИЛИНИШИ Исо келганда дунё муқаммал Инсонни кўрди ва унинг ўзига бўлган ишончидан асар ҳам қолмади. Дунё устида турган пойдевор тобора қулаб борарди. Ўз айбларини сезган одамлар мукаммал одамни ўлдиришди. Бу билан улар ўзлари мос келмаган мезонларни йўқ қилмоқчи бўлишди. Ҳар доим шундай бўлади ҳам. Инсонда Масиҳ яшай бошлагани заҳоти, бу дунё эришиши мумкин бўлмаган мезонларни белгилай бошлайди. Худди шу дунё бор кучи билан ўзининг бахтли яшаётгани ҳақидаги сохта тасаввурларни сақлаб қолиш учун ҳам уларни йўқ қилишга ҳаракат қилади. Адолатли Аристид, грек-эрон уруши даврининг сиёсий ва ҳарбий арбоби, Афинадан қувғин қилинган эди. Бу учун Афинанинг барча фуқаролари овоз беришди. Уларнинг биттаси ўзининг овоз беришдаги иштирокини бундай изоҳлайди: «Уни доимо «Адолатли» дейишлари жонимга тегиб кетди»[19]. Масиҳнинг шогирдлари билан ҳам худди шундай воқеалар содир бўлди. Андрей ўз ваъзи учун хочга тортилди. Ривоят қилишларича, унинг жон талвасасини чўзиш учун хочга арқон билан бойлаб ташлашган. Афсоналарга қараганда, тўққиз ойлик қамоқдан сўнг ҳаворий Бутрус боши пастга қаратилган ҳолда хочга тортилган. Павлус Нероннинг буйруғига кўра боши танасидан жудо қилинган. Ёқуб, Матто, Матто, Вартоломей ва Тома ҳам азоб-уқубатли ўлим топишди. Фақат Патмос оролида сургунда танҳоликдан ўлган Юҳанно бундан истисно эди. Италияда XV-асрда Саванарол исмли одам яшаган. У бутун дунёга машҳур, буюк ислоҳотчи ва ваъзхонлардан бири бўлган. У айтган инсоний гуноҳларни ва Римкатолик жамоатининг порахўрлигини қатъий қоралаши Реформацияга йўл очиб берди. Унинг ваъзи худди момақалдироққа ўхшарди. Айблов эса шунчалар кучли эдики, уни эшитган одамлар ваъздан сўнг сўзсиз саросимага тушиб тарқалишарди. Унинг тингловчилари кўпинча вужудлари титраб, ларзага келиб йиғлашарди. Одамлар бундай ваъзга чидай олмасдилар. Шунинг учун ҳам улар гуноҳларига тавба қилиш ўрнига Саванаролани гулханда қатл қилишди. Агар ҳозирги замон масиҳийлари ўз ғояларини ҳимоя қилишда жасурроқ ва муросасизроқ бўлганларида, агар улар ҳузур-ҳаловат амрларини ўз юракларида асраганларида эди, дунё уларни шундай очиқ чеҳра билан қабул қилмасди, деб ўйлайман. Дон Ричардсон ўзининг «Замин ҳукмдорлари» номли китобида миссионер Стэн Дейлнинг тарихини ҳикоя қилиб берган. У Ғарбий Ирианнинг қирғоқларида яшовчи қабилаларга (Янги Гвинея ороли) ваъз ўқирди. Стэн тоғ ён бағрида жойлашган кичкина қишлоқда тўхтади. Хелук номли тез оқар дарё тоғдан пастликда жойлашган водийга шиддат билан оқиб тушарди. Бу қабила қандайдир умуман ақлга тўғри келмайдиган жамоатга эътиқод қиларди. Уларнинг муқаддас ҳисобланмиш кичик-кичик ерлари бор эди. Агар тасодифан ҳатто ёш гўдак эмаклаб, бу ерларнинг бирига кириб қолгудек бўлса, қишлоқ аҳолиси бу болани, ҳаром, деб ҳукм чиқарар, бутун қишлоқ уни лаънатлар эди. Шунинг учун улар бундай болани қоядан тўғри дарёга улоқтиришар экан. Агар кимдир бу урф-одатларга қарши бирон сўз айтгудек бўлса, уни ўша ердаёқ ўлдиришар экан. Шунинг учун ҳар қандай эътирозлар, қаршиликлар ва ўзгаришларга йўл қўйилмасди. Қабиладошлардан бири уларнинг анъаналари ҳақида беҳурматлик билан гапирганда, туб аҳоли унинг танасини ёй ўқлари билан илма-тешик қилиб ташлашди. Бечора одамнинг танаси қамишзор ботқоққа ўхшаб қолди. Қишлоқда то кичкина гавдали, қўрқмас, оёқлари қийшиқ австралиялик Стэн Дел пайдо бўлмагунча бу ҳолат давом этаверди. Ақл бовар қилмайди, аммо бу ажойиб одам ўз юрагини, хотинининг юрагини ва бешта фарзандларининг юрагини ана шу ёввойи, нафақат инсон боши учун ов қилувчи, балки одамхўр бўлган қабила аъзоларига нисбатан муҳаббатга тўлдира олди. Стэн Дейл бу одамларни уларнинг эътиқодлари ва урф-одатлари етаклаган зимистон қоронғуликдан ва ўлимдан қутқариш учун келди. Унга нима бўлди? Мен унинг китобидан парча келтираман: Беруэй исмли коҳин Кембу, худди тасодифан қилгандай орқадан келди ва Стэнннинг кўтарилган ўнг қўли тагига камондан ўқ отди. Бошқа коҳин Буну учли қамиш найзасини Стэн Дейлнинг ўнг елкасининг пастроғига отди. …Янги ўқлар Стэн танасига санчилишда давом қиларди. Аммо у ўқларни суғуриб олиб, бирин-кетин синдириб ташлайверди. Ҳар томондан ўнлаб ўқлар у томонга тинмай учиб келарди. Бироқ Стэн олдингидай ўқларни суғуриб олиб то кучи етгунга қадар синдириб ташлайверди. Стэннинг танасига ўттиздан ортиқ ўқ санчилгандан сўнг унинг олдига Налимо яқинлашди. У қандай қилиб шунча вақт йиқилмай, оёғида тик турибди? — деб ўйлади Налимо. — Нега у йиқилмаяпти? Унинг ўрнида бошқа одам бўлганда аллақачон ерда думалаб ётган бўларди. Ва тўсатдан Налимонинг юрагини ўқ тешиб ўтди. Бу қўрқув эди. Эҳтимол, у ўлмайдигандир! Одатда ҳеч қандай ички туйғуни билдирмайдиган Налимонинг юзи тўсатдан ўзгарди… Стэн ўз душманлари олдида қимирламасдан қатъият билан турарди. Фақат ҳар сафар яна бир ўқ танасига кирганда, у бир қалқиб тушарди… Элликта ўқ, олтмишта! Сон-саноқсиз яралардан қон сизиб тушарди. Аммо Стэн ҳамон тик турарди. Налимо нафақат ўзини даҳшат қамраб олганини кўрди. Жазонинг бошланиши пайтида жангчилар ташаббусга тўла, ўзларига ишонган бўлсалар, эндиликда улар Стэнни йиқита олмаганларидан жазавага тушиб, ўқларни аламзадалик билан тирик нишонга отардилар. Жангчиларнинг юзларида ҳатто ваҳима бор эди. Чунки Стэн ҳеч йиқилишни хоҳламасди. Балки, Кусахо ҳақдир! Наҳотки, улар руҳларнинг кўринмас дунёсини ўзлари ўйлаганларидай ҳимоя қилиш ўрнига, унга қарши даҳшатли жиноят содир қилишди? «Йиқил! — қичқиришарди улар. — Ўл!» Бу илтижо эди: «Илтимос, ўлгин!» Йему Филга (Фил Мастерс — у ҳам миссионер ва Стэннинг сафдоши) жангчиларга улар ўқ отаётганларида, сени мўлжалга оляпмиз, деган гапларини эшитмади. Фил қочиб кетишга ёки қаршилик қилишга ҳаракат ҳам қилмасди. У жуда кўп марта хатарга юзма-юз келди. Аммо ҳеч қачон ўлимга дуч келмади. Бироқ Стэн унга ўлимни қандай қарши олишни кўрсатди. Бу яхши намуна эди. Ва унга катта жасорат билан риоя қилиш керак эди. Ва яна ўқни биринчи бўлиб Беруэй отди. Филни йиқитиш учун Стэнга отилган ўқдан кам ўқ ишлатилмади. Йему ва бошқалар Филнинг ўлганлигига ишонч ҳосил қилиш учун фурсат кутишарди. Иккала миссионер ҳам йиқилгандан сўнг, ёввойилар уларнинг тилка-пора қилинган таналарини судраб олиб кетишди. Шох-шаббалар босилган чуқурга беркитишди… Буну титраб-қақшаб Стэн ва Филнинг бошларини таналаридан жудо қилди[20]. Мана, баъзида эътиқод учун қандай ҳақ тўлаш керак. Бу ҳикоя жуда ажойиб тугаган: ўша қишлоқ ва у ерга яқин бошқа қишлоқлар аҳолиси Исо Масиҳга имон келтиришди. Улар ўша воқеадан сўнг одамхўрлик базмларига йиғилмай қўйишди. Энди аҳоли фақат Раббийни улуғлаш учун йиғиладиган бўлди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, отаси ўлганда ҳали ёш бола бўлган Стэннинг бешинчи фарзанди отасининг китобини ўқиб, нажот топди. Агар биз дунё гуноҳига қарши турсак, бу учун ҳақ тўлашимизга тўғри келади, худди Саванаролга ўхшаб, худди Стэн Дейлга ўхшаб. Бўлажак авлодлар ҳам буни қилишлари керак. Ваҳий Китобининг 6-бобида қурбонлик бериладиган жойда туриб Худога фиғон қилаётган одамлар ҳақида гапирилади. Улар азобланганлар ва Масиҳ учун жон берганлар. Ва ҳар доим шундай бўлади. Шоҳликнинг табааси бўлишдек олий шараф учун тўлов бериш ва ниманидир қурбон қилиш керак. Аммо бу қурбонликнинг меваси абадийдир. Бу ҳаёт билан хайрлашар эканмиз, биз Осмон Шоҳлигини мерос қилиб оламиз (Мат. 5:10). Бу ерда бизнинг ҳамма нарсамизни тортиб олсалар-да, Раббий самоларда берган нарсаларга ҳеч ким тега олмайди. Ана шундай: биз ҳузур-ҳаловатнинг сўнгги амри ҳақида сўз бошлашимиз биланоқ, у тугади. Кейинги бобда биз қасамёд қилишни ва жабр-зулмнинг оқибати бўлган янгича қувонч ҳолатини кўриб чиқамиз. 11-боб. «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…» (Мат.5:10-12) 2-қисм Бу бобда ҳузур-ҳаловат амрларини кўриб чиқишни тугатар эканмиз, биз ўз нигоҳимизни қасамёд қилишга ва жабр-зулмнинг оқибати бўлган янги қувонч ҳолатига қаратамиз. Бу ҳақда Матто Хушхабарининг 5-бобидаги 10–12-оятларида сўз юритилади. Аммо олдин биз жабр-зулм мавзусига яна озроқ эътибор қаратамиз (10–11-оятлар). Олдин айтиб ўтилганидай, биз Америкада жабр-зулм ҳақида жуда кам тасаввурга эгамиз. Аммо биз ҳозирда илгари Америкада ҳеч ким кўрмаган воқеалар остонасида турибмиз. Биз Иккинчи буюк уйғониш келтирган мевалардан бепарволик билан фойдаланамиз. Унинг меросини ўтмишда юз берган эътиқод юксалишидан биз қанчалар қарздор эканлигимиз ҳақида ўйламай ишлатамиз. Лекин бу тезда тугайди. Ҳозир эътиқодга қарши нафақат ҳукумат, балки унинг ўзи ҳам қарши турибди. Эътиқоднинг ўзи кўп сонли секталарнинг, ноанъанавий эътиқод гуруҳларининг, сохта таълимот ва турли «ёлғонларнинг» тарқалишига сабаб бўлмоқда. Ҳукумат эътиқод ташкилотларига кучли тайзиқ ўтказяпти. Биз бугун молиявий назорат ва бошқа давлат тизимлари Исо Масиҳ эътиқодига янги зарба тайёрлаб қонунга таъсир ўтказишга уринаётганларини кўряпмиз. Илгариги муқаддас қадриятлар, Эътиқод ғоясининг ўзи худди Оналар кунида байрам дастурхонига қўйиладиган олмали пирог каби йўқолиб боряпти. Бизни қувғин этишади — Исо шундай деган. Нега? Эҳтимол, қуйидаги ҳаворий Павлус давридан қолган одат бизга ўзимизни ўраб турган воқеликда ўрнимизни яхшироқ тушунишга ёрдам берар. Рим лашкарбошиси жангда ғолиб бўлган вақтда у ғолиб армиясини шаҳар кўчаларидан олиб ўтишга ҳақли эди. Ғолиблар ўз ўлжаларини ва ҳарбий қурол-аслаҳаларини кўтариб ўтишарди. Бу юриш лашкарбошининг жуда катта ғалабаси намойиши эди. Ва сафнинг охирида доимо енгилган халқнинг рамзи бўлиб кичик асирлар гуруҳи келарди. Ушбу асирларни катта даврага олиб чиқишарди, ўша ерда уларни ёввойи ҳайвонлар тилка-пора қилиб ташлаши керак эди. Ҳаворий Павлус шундай дейди: «Мен ўйлайманки, Худо биз, ҳаворийларни, гўё намойишда охиргилар қаторида юргизиб, ўлимга маҳкум бўлганлар каби майдонга келтирди. Биз фаришталар ҳамда инсонлар олдида, қолаверса, бутун коинот олдида бир томоша бўлдик» (1 Кор. 4:9). Павлус ҳаворийларда Раббийнинг содиқ издошларини ва ўлим жазосига ҳукм қилинган асирлар гуруҳининг ҳақиқий садоқати рамзини кўрди. Моффат бу оятнинг мазмунини шундай изоҳлайди: «Худо бизни, яъни Ўзининг издошларини, худди майдонда ўлимга маҳкум қилинган гладиаторлар каби охиригача боришимизни кутади!»[21] «Ўлимга маҳкум» ибораси жуда кам учрайди. Бу ибора мазах объектига айланган жиноятчилар ҳақида гап бораётганда ва уларни қатл этиш жойига олиб кетилаётганда ишлатилади. Аммо Павлуснинг айтишича, биз ҳам шуни бошимиздан кечиришга маҳкуммиз: «Бизлар Масиҳ учун гўё ақлсизмиз, лекин сизлар Масиҳ соясида ақллисизлар! Биз заифмиз, сизлар эса кучли! Сизлар шон-шуҳратли, биз эса эътиборсизмиз!» (1 Кор. 4:10). Павлуснинг аччиқ кинояси яққол намоён бўлиб турибди: «Ҳатто шу вақтгача оч-яланғочмиз, чанқоқлик ва калтакларга чидаймиз, саргардон бўлиб юрибмиз. Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз» (1 Кор. 4:11-12). Бизга шаҳарга оқ отда кириб бориш ва нуфузли одамлар бўлиш насиб қилмаган. Биз донғи кетган машҳур юлдуз ҳам бўла олмаймиз. Бизга ўлим ва азоб-уқубат тайёрланган. «Сизлар бизга худди тентакларга қарагандай қарайсиз, — дейди Павлус. — Биз заифмиз, сизлар эса кучлисиз; сизлар ҳурматдасиз, биз эса нафратга моликмиз». У бунга қандай муносабат билдирди? 12-оятда айтилишича: «…Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз…» Сўнг ҳаворий давом этади: «Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз. Ҳозиргача биз ҳамманинг аҳлати, ҳатто дунёнинг супуриндиси бўлиб юрибмиз» (1 Кор. 4:13). Аҳлат сўзи остида бу ерда чиқинди, ифлос нарсалар назарда тутилади. Ҳаворий Ёқубнинг муқаддас Китобида «ярамаслар» ёки «бирон жойдан қириб ташланадиган ёки тозалаб ташланадиган нарса» деб таржима қилинадиган offiscouring сўзи қўлланган. Сиз: «Павлус, бу нимаси? Ахир, сен ҳаворийсан-ку! Сенинг шарафингга ҳатто ҳайкаллар қўйилган. Бизда ҳатто Муқаддас Павлус собори бор!» дейсиз. ЭЪТИҚОД УЧУН ТЎЛОВ БЕРИШГА ТАЙЁРГАРЛИК Павлус масиҳийларни ахлат ва чиқиндилар билан қиёслайди. Ҳаворийлар юз бериши мумкин бўлган барча оқибатларни яхши билганлар ва ўз эътиқодлари учун тўлов беришга рози бўлганлар. Бизга маълум бўлишича, ўн икки ҳаворийлардан ўнтаси ёки ўн биттаси азоб-уқубатли ўлим топганлар. Билмайман нега, аммо бугунги масиҳийларнинг уларга ўхшамасликларига ишончим комил. Ҳозирги замон Америка масиҳийларини «дунё учун ахлат» деб аташ мумкинми? Сира ҳам, биз аксинча юлдузларга ўхшаймиз! Бизнинг ўз теледастурларимиз бор. Лас-Вегаснинг энг яхши кўнгилочар мажмуалари биз учун доимо очиқ. Биз иккита дунёда яшаймиз: аввал биз бу ерда ўз ишларимизни қиламиз, кейин эса кийимларимизни алмаштириб эртасига ибодатга отланамиз. Биз Лас-Вегаснинг тунги клубларида рақсга тушамиз, кейин эса масиҳийлик жамоатларида гувоҳлик берамиз. Бизнинг орамизда президентлар, конгресменлар, машҳур спортчилар, актёрлар ва қўшиқчилар бор. Мени нотўғри тушунманг: мен ҳақиқий эътиқодли одамлар учун Худодан миннатдорман. Мен фақат бизнинг ҳамма ишимиз тўғрими ёки йўқми, шуни тушунмоқчиман. Масиҳий бўлиш шунчалик осонми? Биз дунёга қарши туриш ўрнига унга тилёғламалик қилишимиз керакми? Бу қандай юз беришини мен тушунмайман. Нега биз жамиятнинг обрўли аъзолари , энг яхши намояндалари бўлдик? Бунинг сабаби — биз аслида ғолиблар эмас, балки мағлублар эканлигимиз эмасми? Павлус ўз тингловчиларига мурожаат қилганда у: «Мен Гамалиилнинг олий мактабини тугатдим. Мен катта одамман. Мен кўп тилларда сўзлашаман. Мен кўп шоҳларнинг, ҳукмдорларнинг ва атоқли кишиларнинг шахсий дўстиман», — демаган. Ёки у бундай демаган: «Бир куни мен «ўлдим» ва ўликлар ичидан тирилиб учинчи самога кўтарилдим» (аслида буларнинг ҳаммаси Павлус билан юз берган. Қаранг: Ҳав. 14:19-20 ва 2 Кор. 12:1-5). У ҳақиқий томоша кўрсатиши мумкин эди. Бу одам ҳамма нарсага эриша оларди! Ахир, бу ақл бовар қилмайдиган гувоҳликку! Одамлар Павлусни соатлаб тинглаган бўлардилар. Павлус ўзи ҳақида нима деган? «Сиз менинг «ишонч ёрлиқларим» қандайлигини билмоқчимисиз?» Келинг, Коринфликларга иккинчи мактубга қарайлик. Хонимлар ва жаноблар, сизни ҳаворий Павлус билан таништиришга рухсат беринг: Улар Масиҳнинг хизматкорларими? — Мен ҳам бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман! Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга яқин юрдим. Яҳудийлар томонидан беш дафъа бир кам қирқтадан қамчи едим. Уч дафъа таёқ билан саваладилар, бир дафъа тошбўрон қилдилар, уч дафъа кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. Кўп дафъа саёҳатларга чиқдим. Дарёларда таҳликада қолдим, қароқчилардан таҳликада қолдим, ўз қондошларимдан ҳам, мажусийлардан ҳам таҳликага тушдим. Шаҳарда таҳлика, ёвонда таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! Меҳнат ва машаққат остида, кўп дафъа уйқусизликда, очлик ва ташналикда, кўп рўза тутиб азобда қолдим, совуқ ҳавода яланғоч юрдим. 2 Кор. 11:23-27 Мана қандай экан ҳаворий Павлус! Сўнг у яна қўшимча қилди: «Бундай бир одам билан мақтансам бўлади. Лекин ўзим ҳақимда бўлса, заифликларимдан бошқа ҳеч нарса билан мақтана олмайман» (2 Кор. 12:5). Мен уни тушунаман, сиз-чи? Чарчаган, саваланган, ҳамма ердан ҳайдалган, тошбўрон қилинган, кема ҳалокатининг даҳшатларини бошидан кечирган, ҳаммадан жабр кўрган. 6-оятда шундай дейилган: «Шу билан бирга, агар мақтанаман десам, ақлсиз бўлмайман, чунки ҳақиқатни гапирган бўламан. Фақат бирор киши мен ҳақимда ўзимда кўрган ёки эшитгандан ортиқ фикр қилмасин, деб ўзимни тутиб турибман» (2 Кор. 12:6). Павлус ҳаммага шундай дер эди: «Мен ўзим ҳақимда гапиришни хоҳламайман. Мен шон-шуҳрат ҳам изламайман. Мен ҳеч кимда ўзим ҳақимда нотўғри тасаввур яратишни ҳам истамайман». 7-оятда у шундай дейди: «Менга келган одатдан ташқари ажойиб ваҳийлардан ўзимни ҳаммадан юқори тутмаслигим ва кибрланиб кетмаслигим учун, менинг баданимга бир ниш, мени ниқталайверадиган бир шайтон элчиси берилди». Павлус айнан нимани назарда тутганини мен билмайман. Аммо бу кўз кўрадиган ва у учун ёқимсиз бир нарса эканлиги аниқ. Бироқ Павлусни бу «ниш»дан халос қилиш ўрнига, Раббий унга: «Бўлди, бас! Сенга Менинг марҳаматим етарли. Мен сенинг итоаткорлигингни кўрмоқчиман», — деди. Павлус эътироз билдирмади: «Аммо Раббим менга шундай деди: «Сенга берган иноятим етар, Менинг қудратим заифликда тугал бўлади». Шунинг учун, Масиҳнинг қудрати менда амал қилсин деб, янада кўпроқ, бажонидил ўз заифликларим билан мақтанаман. Шу сабабдан Масиҳ учун заифликларга, озорларга, муҳтожликларга, таъқиб ва сиқувларга йўлиққанимда, қаноат қиламан. Чунки заиф бўлсам, қудратим ошар экан» (2 Кор. 12:9-10). Агар биз ўзимизни бирон-бир нарсага ўз кучимиз билан эришишга қодир деб ҳисобласак, демак, бизда Худо кучи йўқ. Агар биз ўзимизга йўлни мустақил оча оламиз деб умид қилсак, агар биз ўзимизни ҳар томонлама етук деб ишонсак ва бутун жамият билан ҳамжиҳатликда эришдик деб ҳисобласак, биз жуда катта хатога йўл қўйган бўламиз. Павлус шундай дейди: «Мен ўзимни камситадиган, қайғуга соладиган ва итоат қилдирадиган ҳамма нарсадан хурсандман. Чунки бу мени Худога суянишга мажбур қилади ва мен ўзимнинг заифлигимни фақат шу шарт билан Худо менда ҳаракат қилишини ва У мени бу дунёга қарши туришга ундашини биламан». Биз, масиҳийлар, ҳар қачонгидан ҳам ортиқ ўзларини мақташ ва манманлик қилиш билан кун кечираётган даврда яшаяпмиз. Бу Раббий кўз ўнгида жуда жирканч. Биз ўз муҳитимизда турли юлдузларни ва машҳур кишиларни яратиб, бу дунёдан ортда қолмаймиз. Раббимиз: «…сиз Менинг шоҳидларим бўласизлар…» (Ҳав. 1:8) деган пайтда, У: «Мен учун жафокаш бўлинглар» деганини назарда тутган. Ким? Жафокашлар. Зеро эътиқод учун тўлов ана шундай. Ҳузур-ҳаловат амрлари кимга қаратилган? Осмон Шоҳлигининг барча фарзандларига. ДУНЁ ТОМОНИДАН ВА НАФРАТЛАНАДИГАН ХУДО ТОМОНИДАН ҚУВИЛГАНЛАР Гап шундаки, дунё Худони билмайди ва Уни яхши кўрмайди. Исо Ўз издошларига шундай деган: Одамлар сизларга неки қилсалар, Менинг номим учун қиладилар; чунки Мени Юборганни танимайдилар. Агар Мен келиб уларга айтмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Энди бўлса гуноҳлари узрсиз қолди. Мендан нафратланган Отамдан ҳам нафратланган бўлади. Агар Мен улар орасида бошқалар сира қилмаган ишларни намоён қилмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Энди бўлса ишларимни кўрдилар-у, Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар. Юҳ. 15:21-24 Исо дунёга келди ва одамларга ўзларининг нақадар гуноҳкор эканликларини кўрсатди. Одамлар ўз гуноҳлари билан юзма-юз тўқнашдилар. Агар Исо бўлмаганда ҳаммаси безарар ва яхши деб кўрсатиларди. Чунки одамлар ўз виждонларини хотиржам этишга қаттиқ ҳаракат қилишарди. Уларнинг эътиқодлари ҳақиқатни улардан беркитарди. Улар сўқирларча ўзларини унутиб тўғри дўзах томон боришарди. Масиҳ уларнинг кўзларини очди ва: «Ўзингизга қаранг!» деди. Улар ўз гуноҳларини кўрдилар ва Масиҳнинг қилган иши учун Уни ёмон кўриб қолдилар. Аслида одамлар бизни ёмон кўрмайдилар. Улар тақводорликни ёмон кўрадилар. Улар Масиҳдан нафратланадилар. Тақводорлик билан яшашга уриниб кўринг. Ернинг тузи бўлишга ҳаракат қилиб кўринг. Шунда сиз нима бўлишини кўрасиз. Сиз ҳеч ярангизга туз сепганмисиз? Бу жуда оғриқли. Ахлоқи бузуқ жамиятда муқаддас бўлишга ҳаракат қилиб кўринг. Шунда сиз натижасини кўрасиз. Аммо сиз бўш келманг. Орқага чекинманг. Тундаги ўғри каби яширинманг. Жамоат мақташини кутиб, Муқаддас Китобни беркитиб ўқиманг. Олдинга чиқинг ва «жафокаш» бўлинг. Исо Ўзи билан нафақат нажотни олиб келди, балки У ўзининг гуноҳини севадиганларнинг нафратига ҳам сабаб бўлди. Ҳатто ўз эътиқодимиз учун жуда қиммат тўлов беришга тўғри келса ҳам, биз чекинмаслигимиз керак. Мен кўз олдимга Стэн Дейлни — у тепаликда, ўз камонларидан ўқ отишга шай турган ёввойилар қаршисида турганини келтираман. Шунгача у, эҳтимол, бундай дегандир: «Мен уларнинг олдига бораман ва қилаётган ишлари нотўғри эканлигини айтаман». Стэн тўғри тепаликка чиқди. Улар Стэнга қарата ўқлар узишарди. Ўқлар унинг атрофида учар, у эса тик юришни давом эттираверди. Бунда ажойиб бир нарса бор! У ҳеч нарсага қарамай туз ва нур бўлмоқчи эди! Стэн йиқилишидан олдин унинг танасига олтмишдан ортиқ ўқ қадалди. Павлус Колосаликларга шундай деб ёзган: «Мен ҳозирги вазиятда сизлар учун азоб тортаётганимга севинаман. Масиҳнинг Ўз бадани, яъни уммати учун тортмаган қайғуларини мен ўз танамда тортиб тўлдиряпман» (Кол. 1:24). У бундай демоқчи бўлган: «Ҳар сафар кимдир мени ураётганда, у Масиҳни урган бўлади». Стэн Дейл ҳам шундай деган бўларди: «Менга ўқ узаётган ҳар бир ёввойи аслида ўз ўқи билан Масиҳни яралайди. Улар менга қарши чиқмадилар. Улар Масиҳ келтирган ҳақиқатга қарши турдилар». Масиҳ — мана дунё ким билан низолашяпти. Одамлар бугун ҳам Уни ўлдиришга ҳаракат қиляптилар. Кимки Исо учун туриб берса, унинг ҳақиқатини одамларга етказса, одамлар ўшани ўлдирадилар. Мен душманларни ахтармайман. Аммо доимо ҳақиқатни гапиришим кераклигига — уни ҳамма жойда, ҳаммага оқибатларини ўйламасдан гапиришим кераклигига ишончим комил. Масиҳ туфайли. Мен ҳаворий Павлуснинг сўзларини эшитаман: «Қани энди Масиҳнинг азобларида қатнашиб, ўлимида ҳам Унга эргашиб, Унинг Ўзинию тирилишининг қудратини билиб олсам…» (Фил. 3:10). Биз эътиқод учун азоб-уқубат ва ўлимни ахтармаслигимиз керак. Бу тентаклик бўлар эди. Аммо биз улардан қочмаслигимиз ҳам керак. Биз таъқибларга дуч келганимизда қўрқоқлик қилмаслигимиз керак. Ва шунда жабрситамлар кетидан қасамёднинг бажарилиши келади. ҲОЗИРГИ ВА КЕЛАЖАК ШОН-ШУҲРАТ УЧУН ВАЪДА Бу қандай ваъда бўлиши мумкин? «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Павлус ўз ақли ва истеъдоди билан бу дунёда жуда кўп нарсага эришиши мумкин эди. У бўлса буларнинг барига қўл силтади. У бу ҳақда нима деб ўйлаган? У шундай деган: «Ўйлайманки, бизга зоҳир бўлажак улуғворлик олдида шу он азоб-уқубатларини айтиб ўтиш ҳам арзимасдир» (Рим. 8:18). Ер юзидаги барча йўқотишлар Худо Шоҳлигида қўлга киритганларимиз билан тенглаша олмайди. Масиҳ икки марта «бахтлидир» деган сўзни айтади. Ким ўз ихтиёри билан Масиҳни ҳимоя қилса, у итоаткорлиги учун мукофот олади ва Осмон Шоҳлигидаги абадий ҳаётнинг ҳузур-ҳаловатларини англайди. Юсуф тақводорлиги учун акалари томонидан жабр кўрди. Акалар ундан нафратландилар ва уни саҳродаги қудуққа ташлаб юбордилар. Бироқ Худо уни у ердан халос қилди ва Юсуфни Мисрда фиръавндан кейинги иккинчи одам этиб тайинлади. Дониёр тақводорлиги учун шерлар бор жарликка, оч ҳайвонлар тилка-пора қилишлари учун ташланган эди. Аммо Худо шерларнинг оғзини ёпди ва Дониёрни Бобил шоҳининг саройига кўтарди. Ермиё муқаддаслиги учун ахлат ўрасига ташланди. Лекин Парвардигор уни у ердан халос қилди. Сўнгра уни тарихдаги пайғамбарларнинг энг буюкларидан бирига айлантирди. Агар биз ўз эътиқодимиз учун ҳозироқ тўлов беришга тайёр бўлсак, Парвардигор бизга мисли кўрилмаган шоншуҳратни ваъда қилади. Жабр кўрганлар икки карра бахтлидирлар. Чунки Осмон Шоҳлиги ва унинг барча бойликлари уларга тегишлидир. Мен ўйлайманки, бу ерда Масиҳ ҳозирги замон ҳақида гапиради. Чунки тирик Шоҳ ҳозир биздадир ва бизга Шоҳликдаги тўлақонли руҳий ҳаётни ҳадя қилади. Бу ерда Исо минг йиллик Шоҳлик ҳақида ҳам гапиради. Унда биз ажойиб, янгиланган ерда яшаганимизда ҳузур-ҳаловат амрларининг ҳақиқий жисмоний бажарилишини кўрамиз. Мен ўйлайманки, У бу ерда биз Худо Ўғли билан Унинг сўзида юзма-юз учрашадиган абадий Шоҳлик ҳақида ҳам гапиради. У бизга Осмон Шоҳлигида бериладиган ҳамма нарсалар, Худо ҳадясининг бутун улуғворлиги ва шуҳрати ҳақида бизнинг мардларча курашимиз учун берилган мукофот сифатида гапиради. Бутрус Исога деди: «Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик…» (Мк. 10:28), яъни: «Раббий, биз бунга рози бўлдик. Биз охирги кўйлагимизгача қолдирдик. Биз Сенинг кетингдан бордик. Биз бу дунёнинг камбағалларига ўхшадик». Исо Бутрусга ва бошқа шогирдларига шундай жавоб берди: «Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уйжойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади» (Мк. 10:29-30). Кўряпсизми? Шу ерда ва ҳозир: «Ҳозирги вақтда». Қандай бахт! Биз шунчалар калтафаҳммизки! Биз бор нарсамизни Худога бахш этиш ва натижада абадий шуҳратни қўлга киритиш ўрнига, ўзимизда бор нарсани асраб қолишни хоҳлаймиз. Осмон Шоҳлиги — бу ҳузур-ҳаловат амрларининг ҳадясидир. Эътибор бердингизми, биринчи ва охирги амрлар Шоҳликка ваъда бериш билан тугайди? Аслида, бу энг аввало ҳузур-ҳаловат амрлари бизга Осмон Шоҳлигида ҳозир ва мангу фуқаролик ваъда қилиниши ҳақида гапиради. Бошқа амрларда ваъда қилинган нарсалар эса — бу Шоҳликдаги ҳаётнинг таркибидир. Бу дунё нимани ўйлаб топмасин, у сизни Масиҳ Шоҳлигини мерос қилиб олишингиз ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди. Жабр-зуллмларни четлаб ўтиб бўлмайди. Аммо агар улар жон деб, мамнунлик билан қабул қилинса, ваъда бажарилади ва биз мукофотланамиз. Бугун менда Муқаддас Китобда сўз юритилган уй ҳам, ер ҳам йўқ. Буларнинг бари минг йиллик Шоҳликда — мангуликда бўлади. Лекин баъзи бир маънода мен ҳозир уларнинг эгасиман, чунки менинг Масиҳдаги баъзи бир биродарларим ва опа-сингилларимнинг меникидан яхши уй-жойлари бор. Улар мени ўзларининг бойликларидан ҳозир ва келажакда фойдаланишга таклиф қиладилар. Мана, бу ерда ва ҳозир нима дегани: биз ўз мулкимизни бир-биримиз билан бўлишамиз. Эҳтимол, сиз Масиҳга келган вақтингизда, кимлар биландир алоқани узишингизга тўғри келгандир. Эҳтимол, барча қариндошларингиз билан муносабатларингиз бузилгандир. Балки ҳамма сиздан юз ўгиргандир. Аммо ўз жамоатингизга қаранг — мана сизнинг оилангиз! Агар сиз уйингиздан айрилган бўлсангиз ва боришга жойингиз бўлмаса, атрофингизга назар солинг. Шунда сиз атрофингизда эътиқоддаги биродарларингизни кўрасиз. Уларнинг уйлари бор. Улар сизга ҳам тегишли. Биз ҳеч нарсага эгалик қилмаймиз. Аммо ҳамма нарсадан Раббийни улуғлаш учун фойдаланамиз. Шундай қилиб, жабр-зулм ўз кетидан қандайдир яхши ваъдаларни келтиради. Бу ваъда ўзи билан шодлик ва хурсандчилик олиб келади. ХУРСАНДЧИЛИКДА ЯШАШ Биз буларнинг барчасига қандай муносабатда бўлишимиз керак? «Севининглар ва хурсанд бўлинглар…», — дейди Исо (Мат. 5:12). Нима? Севиниш? Сиз томонга ўқлар учиб турганда хурсанд бўлиш? Сизнинг орқангиздан ғийбат қилинаётганда шодланиш? Сизга ҳар хил йўллар билан зарар етказилаётганда қувониш? Эҳ-ҳа! У бизга севинишни буюрган. Грекча khario сўзи «чинакамига мамнун бўлиш» маъносини билдиради. Янада кўпроқ ишонтириш учун У қўшимча қилади: «Бениҳоят шод бўлинг» (Рус Синодал Инжилда — «хурсанд бўлинглар». — Изоҳ тарж.) (шоҳ Ёқубнинг Муқаддас Китоби). Agalliaste грекчада «қувончдан сакраш ва бақириш» маъносини билдиради. Сиз: «Ҳазиллашяпсизми? Мени таъқиб қилишяпти-ку!» дерсиз. Нега сиз севинишингиз керак? Бунга иккита сабаб бор. Биринчидан, «…чунки сизга осмон мукофоти буюк…» (Мат. 5:12). Осмондаги ҳузур-ҳаловат қанча давом этади? Абадий. Бизнинг ҳаётимиз ўзи нима? «…Ҳаётимиз — бирпас кўриниб, кейин парланиб кетадиган буғ каби нарса» (Ёқуб. 4:14). Сиз ўз маблағингизни нимага сарфламоқчисиз? Исо нима учун бундай дегани тушунарли: «…Аксинча, куя ва занг еб кетмайдиган, ўғри тешиб таламайдиган у дунёнинг хазиналарини жамланглар» (Мат. 6:20). Самоларда биз чамбарлар оламиз. Муқаддас Китоб буни бизга ваъда қилади. Менинг ўйлашимча, Худони мангу улуғлаш қобилиятимиз билан бунинг ўртасида қандайдир боғлиқлик бўлса керак. Бу қобилият бизнинг ерда қанчалар тўғри бўлганимизга боғлиқ. Агар мен у ерда абадий бўлсам, бу ерда эса бор йўғи йигирма йил ёки шунга яқин, унда мен мангуликни танлайман. Менинг вақтим жуда оз. Мен ўзимнинг бор маблағимни мангуликда фойда олиш учун само хазинасига қўймоқчиман. Лекин шахсан ўзим учун эмас, балки бу маблағларни Раббийнинг марҳаматли пой қадамлари остига мангу мақтов каби қўйиш учун. «Сизга осмон мукофоти буюк» гапида «буюк» сўзи тўғри маъносини билдиради. Агар Худо «буюк» деса, бу айнан шундай. Бу мукофот буюк, polus, чексиз бўлади. Одамларнинг айтишларича, Худога мукофот учун эмас, балки севги туфайли хизмат қилиш керак. Агар мен Унга севги туфайли хизмат қилсам ва У бу учун мени мукофотламоқчи бўлса, бу Унинг истаги. Мен Унга қаршилик қилишни ёки Ундан шубҳаланишни хоҳламайман. Мен Осмонларда бўлиб қолганимда, менда ҳеч қандай мағрурлик бўлмайди. Мен Унинг ҳадяларини қабул қиламан ва итоаткорлик билан уларни қайтараман. Биз шунчалар мукаммал бўламизки, ўз мукофотимизни тўғри ишлата оламиз. Айнан шу сабабли Худо бизга ерда мукофот бермайди: ердаги мукофот бизни бузиши мумкин. Павлус қобилиятини бениҳоя намоён қилган Тимотийга мактубнинг иккинчи боби охирида у шундай дейди: «Бундан кейин солиҳлик тожи мен учун тайёр турибди. Одил ҳукм қилувчи Раббим Исо кўкдан тушиб зоҳир бўладиган кунда у тожни менга беради, фақат менга эмас, балки у кунни муштоқлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига ҳам беради» (2 Тим. 4:8). Аслида у қуйидаги сўзларни айтган: «Мен бу кунни кўрмоқчи эканлигимни ва тожимни кўрмоқчи эканлигимнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Мен Раббийдан қутулиш ҳадясини олдим. Шунингдек, бу инъомни ҳам қабул қилиб оламан». Иккинчидан, сизнинг қувончингизга яна бир сабаб шуки, сиздан олдинги пайғамбарларни ҳам таъқиб қилишган. Сиз: «Нима бўпти? Бунинг менга нима дахли бор? Мен фақат уларда муаммолар бўлганлиги сабабли қувонишим керакми? Наҳотки ҳамма бахтсизлар ўзларига ўртоқ қидиришса», — дейсиз. Йўқ, гапнинг маъноси бунда эмас, балки бу дўстлар гуруҳининг жуда ажойиблигида. Агар Худо пайғамбарлари худди сиз каби жабр-зулм кўрган бўлсалар, демак, сиз ҳам энг сара одамлар сафига кирасиз. Масиҳ бизга шундай тушунтиради: «Агар сиз ўзингизнинг халос бўлишингизга ёки Шоҳлик болалари эканлигингизга шубҳа қилсангиз, имонсизлар сизни дучор қиладиган жабр-зулмлар сизнинг Худога тааллуқли эканлигингизнинг гувоҳидир. Чунки улар сиз билан ҳам худди Худонинг пайғамбарларига қилгандай муносабатда бўлишади». Ажойиб ҳақиқат. Агар жабр-зулмларга дуч келсам, мен: «Ҳа, мен Сенинг фарзандинг эканлигимни биламан, Раббий. Ўзим пайғамбарлар билан бир қаторда туришимни ҳам биламан», — дейман. Нега дунё Худо пайғамбарлари намунасига риоя қилмайдиганларни, Хушхабарни эълон қилмайдиганларни ҳайдаши керак? Бир куни Исо фарзийларга шундай деди: «Бу билан сиз ўзингизни ўзингиз инкор этиб, пайғамбарларни қатл қилганларнинг ўғиллари эканингизни ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Қани, ота-боболарингиз бошлаган ишни битириб қўймайсизларми?! Ҳой илонлар, заҳарли илон зотлари-ей! Жаҳаннам жазосидан қандай қилиб қутуларкансизлар?» (Мат. 23:31-33). Мана, Исо айтган сўзларнинг моҳияти: «Бўлинг, нимани мақсад қилган бўлсангиз, амалга оширинг. Мени ўлдиринг. Сиз ҳам худди шу ишни қилган ота-боболарингиздан сира фарқ қилмайсиз». Ибронийларга мактубнинг 11-бобида Худога содиқ жуда кўп одамлар ҳақида гапирилган. Улар азоб-уқубат чекканлар ва хор-зор бўлиб яшаганлар. Бобнинг сўнгида, дунё уларга лойиқ эмас эди, дейилган. Матто Хушхабарининг бешинчи бобида Исо Ўз тингловчиларига (бизга ҳам) мурожаат қилиб шундай сўзларни айтган: «Агар сиз Менинг изимдан юриб Менинг ҳақиқатимни тарғиб қилсангиз, шу ҳақиқат асосида яшасангиз-у сизга жабр етказишса, унда хурсанд бўлинг. Чунки сиз пайғамбарларнинг руҳий авлодисиз ва тақводор авлодга тааллуқлисиз». Жабр-зулм — бу сизнинг тақводорлик йўлидан бораётганлигингизнинг исботидир. Бу тақводор одам учун нажот топишга ишонч манбаидир. Бу ҳузур-ҳаловат амрларининг чўққиси. Исо халос бўлишни таклиф қилади ва сизнинг халос бўлганингизга қандай ишонч ҳосил қилиш кераклигини кўрсатади. Нажот топишга ишонч илоҳиёт назарияларини ўрганишдан ва қачонлардир сиз тақводор бўлишга қарор қабул қилганингиздан келиб чиқмайди. Сиз ўз ҳаёт тарзингиз билан эътиқодсиз дунёга қарши туришингизни ва ўз тақводорлигингиз учун жабр-зулмларга чидашингизни тушунишингиздан келиб чиқади. Бундай ҳолда сиз нафақат осмонларда мукофот оласиз, балки ҳозирнинг ўзидаёқ бутун ҳаётлари давомида худди шундай ситамларни бошидан ўтказган пайғамбарлар билан бир сафда турасиз. Луканинг Хушхабарида Исо шундай дейди: «Лекин буларнинг ҳаммасидан бурун сизларни исканжага олиб, қувғин қиладилар, диний ҳайъатларга топшириб, зиндонларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни подшоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар» (Лк. 21:12). Сўнг қўшиб қўйди: «Шунда сиз фурсатдан фойдаланиб, Мен ҳақда шоҳидлик қиласизлар» (Лк. 21:13). Бошқача сўзлар билан айтганда, буларнинг ҳаммаси сизнинг Худога тааллуқли эканлигингизга исбот бўлади. Ахир, бу зўр эмасми? Бу дунёнинг одамлари — Худо танлаганлардан ташқари, бизнинг ҳаёт тарзимиз моҳиятини тушуна олмайдилар. Руҳий камбағаллик эътиқодсиз юракнинг такаббурлигига сира мос келмайди. Ўз гуноҳларига аза очиб йиғлаётган, тавба қилган қалб ҳолати шафқатсиз, бефарқ ва совуқ дунёга мутлақо бегонадир. Тинч ва беозор руҳ мағрур, жанговар ва муросасиз дунё руҳининг адолатсизлигини ва ҳужумларини итоаткорона бош эгиб қабул қилади. Раббийга янада чуқурроқ руҳий ёндашиш истаги — бу тана шаҳватига, кўзлар шаҳватига ва ҳаётий такаббурликка таънадир. Шунингдек, мурувват руҳи шафқатсизликка ва бу дунёнинг шафқатсизлигига таъна бўлиб хизмат қилгани каби. Юрак поклиги иккиюзламачиликка ва сотқинликка оғир ва кескин қаршилик қилади. Тинчлик ўрнатувчи эса доимо душманлар қуршовида ўзини бегона ҳис қилади. Кимдир шотландиялик тарғиботчи Жон Ноксга у ҳақда қуйидагича гапириб ҳурмат билдирди: «У Худодан шундай қаттиқ қўрқар эдики, ҳеч қачон одамдан қўрқишга журъат қилмасди»[22]. Юҳанно Златоуст, Жамоатхонанинг буюк отаси, бир куни Рим императори Аркадийнинг ҳузурига чақирилади. Император, агар сен Исони тарғиб қилишни бас қилмасанг, сургун қиламан, деб қўрқитади. «Жаноб, — деди Юҳанно, — сиз мени сургун қила олмайсиз. Чунки бутун олам менинг Отам уйидир». «Унда мен сени ўлдираман!» — деди ғазабланган ҳукмдор. «Йўқ, сиз мени ўлдира олмайсиз, чунки менинг ҳаётим Худо томонидан Масиҳда яширилган». «Мен сени бор мол-мулкингдан маҳрум қиламан!» — жаҳл билан жавоб қилди император. «Сиз бундай қила олмайсиз. Чунки менинг хазинам ҳеч кимнинг қўли етмайдиган осмонларда». «Унда мен сенга одамлар билан мулоқотда бўлишни манъ қиламан. Ва сенинг дўстларинг қолмайди». «Сиз буни ҳам қила олмайсиз. Чунки Осмонда менинг Дўстим бор. У менга: «Мен сени ҳеч қачон ташлаб қўймайман ва сени тарк қилмайман», деган». Натижада Златоуст узоқ арман қишлоғига сургун қилинди. Аммо у ўз хатлари билан ўша жойдан туриб ҳам дўстларига кучли таъсир ўтказишни давом эттирди. Шунинг учун унинг душманлари Златоустни янада узоқроққа сургун қилиб юборишга қарор қилишди. У узоқ сургун йўлида вафот этди. Биз-чи? Бизнинг қадриятларимиз қандай? Биз ўзимизни қандай баҳолаймиз? Бизнинг юрагимиз ва онгимиз бизга нима дейди? Биз ҳузур-ҳаловат амрларининг асл мазмунини тушунамизми? Осмон Шоҳлигига бой бўлмаганлар, мағрур бўлмаганлар, енгилтак эмаслар, шафқатсиз бўлмаганлар, ўзини севмаганлар, айёр бўлмаганлар ва эпчил эмаслар, беозорлар, ердаги шоҳларнинг бошларини силамаганлар киришини биз тушунамизми? Осмон Шоҳлигига руҳан камбағаллар, беозорлар ва итоаткорлар, ғамгинлар ва қайғураётганлар, очу-чанқоқлар, самимийлар, тинчлик излайдиганлар ва жабр кўрганлар киришади. Улар Шоҳликнинг табааларидир. Ва бу дунёнинг уларга нафрати фақат буни тасдиқлайди. Сиз ҳам уларнинг сафларидамисиз? Шундайми? 12-боб. Хулоса Ҳузур-ҳаловат амрларидаги ўзини ўзи синаб кўришга даъват Янги Аҳднинг жуда кўп мактубларида ҳам бор. Шунингдек, бундай мурожаат яҳудийларнинг масиҳийларига йўлланган Ибронийларга мактубда ҳам мавжуд. Бу мактуб нажотга чақириқнинг маъносини тушунадиган, аммо ўз ҳаётларини Худога бағишламаган одамларга қаратилган огоҳлантиришлар билан тўла. Мактуб муаллифи ўз ҳикоясини тез-тез турли огоҳлантиришлар билан бўлиб туради. У тақводорларга қараб худди шундай демоқчидай бўлади: «Сизларнинг кўпчилигингиз ҳақиқатни билишингиз менга маълум. Аммо ҳали ҳам Масиҳ кетидан боришга журъат қилмаяпсизлар». Ибронийларга мактубнинг ўқувчилари Исо — бу Масиҳ эканлигини тушунадиган, аммо Унга ўз Раббийлари каби тавба қилишни хоҳламайдиган яҳудийлардир. Улар фарзанд каби Худо Шоҳлигини қабул қила олмадилар, Унинг марҳамати ва мурувватига ишона олмадилар. Улар Масиҳга мурожаат қилишни хоҳламадилар. Чунки улар ўз жамиятларидан ҳайдалишдан қўрқдилар, ўз яқинлари учун бегона бўлишдан қўрқдилар, ўз ҳаёт тарзларини ўзгартиришдан жуда қўрқдилар. Нарх жуда баланд эди, улар кутишни қарор қилдилар. Эҳтимол, сиз уларнинг қиёфасида ўзингизни кўрарсиз? Сиз ҳақиқатни биласиз, сиз Исо Масиҳни, тирик Худонинг Ўғлини биласиз. Сиз Хушхабарни биласиз ва унинг ҳақиқат эканига ишонасиз. Аммо сиз ўзингизни Масиҳга бағишлашга қаршилик қиласиз. Чунки сизга ҳам ўша қўрқувлар ва хатарлар азоб беради. Агар шундай бўлса, Ибронийларга мактуб сизга йўлланган. Келинг, бу Мактубдан қуйидаги бешта парчаогоҳлантиришни кўриб чиқайлик. I-ОГОҲЛАНТИРИШ: ИБР. 2:1-4 «Демак, биз эшитганларимиздан қайтмаслик учун буларга жуда кўп диққат қилишимиз керак. Фаришталар орқали айтилган калом у вақтдаёқ ҳар турли жиноят ва итоатсизлик қилганни қатъий суратда жазолар эди. Шундай экан, даставвал Раббимиз Исо билдирган, сўнгра шоҳидлари томонидан тасдиқланган нажот хабарига биз эътиборсизлик қилсак, жазодан қандай қочиб қутуламиз? Худо Ўз шоҳидларига ажойиботлар, мўъжизалар ва ҳар турли қудратни кўрсатди, Ўз хоҳиш-иродасига кўра, Муқаддас Руҳнинг инъомларини уларга улашиб, уларнинг шаҳодатларига Ўзининг тасдиғини қўшиб берди». Агар сиз Масиҳ ким эканлигини билсангиз, У Ўзи ҳақида нима деганини билсангиз, унда, — дейди муаллиф, — сиз ҳақиқатдан чекинмаслик учун эшитганларингизга жуда эътиборли бўлишингиз керак. Кейин фаришталар орқали айтилган калом қандай сўз? Бу Эски Аҳд қонуни. Мазмуни қуйидагича: агар Эски Аҳд қонунига асосан яшайдиган одамлар унинг ҳар бир бузилиши учун жазо олган бўлсалар, унда нега сизнинг гуноҳларингиз учун жазо олган Масиҳ сизга таклиф қилган нажотни менсимайсиз-у ҳукмдан қутулиб қолишга умид қиласиз? У сизни албатта қувиб етади, бунга ҳеч шубҳа қилманг. II-ОГОҲЛАНТИРИШ: Ибр. 6:12 «…Эринманглар, имон ва сабр-тоқат билан илоҳий ваъдаларга эришганлардан ўрнак олинглар». Бу ерда Худо ваъдаларини мерос қилиб олиш ҳақида гапирилади. Бу ваъдалар қандай? Ва яна бизнинг олдимизда Эски Аҳд варианти. Муаллиф, яҳудийларнинг тақводорлари Хушхабарнинг муаллимлари бўлишлари керак, дейди. Чунки улар етарлича кўп билимга эгадирлар. Бунинг устига, уларни ҳали Эски Аҳд қонунига ўргатиш керак. Чунки улар руҳан заиф, журъатсиз, ҳар доим орқада юришади ва бошқа тақводорлар учун намуна бўла олмайдилар. Улар Хушхабарни эшитишди ва келаётган асрнинг кучини англашди. Аммо унга ўзларини бағишлашмади, унинг иштирокчиси бўлишмади. Муаллиф Исонинг жуда кўп мўъжизаларини кўрган одамларга мурожаат қилади. Аслида у бундай дейди: «Агар сиз ваҳий олган бўлсангиз, агар ўзингизга намоён бўлган кучни кўрган, эшитган ва сезган бўлсангиз, сиз шунда ҳам ундан юз ўгириб кетсангиз, унда ҳеч қандай умид қолмайди. Худо яна нима қила олади? Сиз ана шундай мўъжизалар ва ваҳийларни кўриб ҳам Исо Масиҳга эътиқод қила олмасангиз, сиз Унга ҳеч қачон эътиқод қила олмайсиз. Чунки У аллақачон сиз учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган». Агар сиз бу китобни шу жойигача ўқиган бўлсангиз, унда сиз ҳақиқат ҳақида тўла тасаввурга эгасиз. Ва энди сиз қандай қилиб ўз ҳаётини Худога бахш этиш мумкинлигини билганингиз ҳақида жавобгарсиз. III-ОГОҲЛАНТИРИШ: Ибр. 10:26 «Агар биз ҳақиқатни билиб олгандан кейин, қасддан гуноҳ қилишда давом этсак, энди гуноҳларнинг кечирилиши учун бошқа қурбонлик қолмайди…» Бу оят ўзи учун ўзи гапиради. Муаллиф яна ўз ўқларини кутиш позициясини эгаллаганларга қарши, кимда ким ҳаммасини эшитиб, ҳеч нима қилмаганларга қарши қаратади. Бу ерда гап халос бўлиш инъомини рад этиш гуноҳи ҳақида. Шунингдек, намоён бўлаётган ҳақиқатни ихтиёрий равишда инкор қилиш тўғрисида ҳам сўз боради. Бундай вазиятда гуноҳ учун қурбонлик ўз қадр-қимматини йўқотади. Яҳудийларга шундай дейилган: «Сиз ҳамма қўзичоқларни, ҳамма эчкиларни ва барча бузоқларни ўлдиришингиз мумкин. Аммо агар сиз бутун дунё гуноҳини Ўзига олган Худо Қўзичоғини инкор қилсангиз, гуноҳ учун ҳеч қандай қурбонлик қолмайди». Исо Масиҳсиз ҳеч нарса йўқ. Одамлар, Худо кўп биладиганларга, жамоатга борганларга ва ҳақиқат ҳақида тўла тасаввурга эга бўлганларга мурувват кўрсатади, деб ўйлашади. Бу нотўғри. Бундайларга У янада талабчанроқ бўлади. Сиз қанча кам билсангиз, шунча осонроқ мангуликда бўласиз. Агар сиз Парвардигор муруввати ила Унинг ҳақиқатини англаган бўлсангиз, сиздан кўпроқ талаб қилинади. Мусо қонунини бузганлар ўлимга ҳукм қилинганлардир. Масиҳни — Худо Ўғлини инкор қилаётганларни қандай жазо кутади? Ҳақиқатдан юз ўгирганларга Худо шундай дейди: «…Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман…» (Рим. 12:19; шунингдек қаранг: 2-Амрлар 32:35). Эҳтимол, сиз ҳақиқатни биларсиз. Аммо шундай бўлса-да, уни қабул қилишга ва унинг йўлидан юришга журъат қилолмайсиз?! Агар шундай бўлса, Худонинг кўзи ўнгида сиз Парвардигор Ўғлини тепкилаган бўласиз. IV-ОГОҲЛАНТИРИШ: Ибр. 12:25 «Эҳтиёт бўлинглар, сўзлаётган Худодан юз ўгирманглар! Мусо пайғамбар Худодан ваҳий олиб, ер юзида сўзлаган эди, уни рад этган Исроил ўғиллари эса жазодан қочиб қутулмадилар. Агар биз осмондан сўзлаётган Худодан юз ўгирсак, бундан ҳам оғирроқ жазодан қандай қочиб қутуламиз?» Нақадар қўрқинчли сўзлар! Худодан юз ўгирманг. 29-оятда айтилишича, Худойимиз — еб тугатадиган оташдир. Кунларнинг бирида У Мусога конунни бераётганда бўлганидек, У нафақат тоғларни, балки Ўз жазоси билан самоларни ҳам ларзага солади. Қанчалар қўрқинчли огоҳлантириш! V-ОГОҲЛАНТИРИШ: Ибр. 3:7-11 «Мана, Муқаддас Руҳ нима деяпти: «Агар бугун Худонинг овозини эшитсангиз, чўлда исён ва ғазаб кунида бўлганидек, яна юрагингизни тош қилманглар! У ерда оталарингиз Мени синов қилдилар, қирқ йил ишларимни кўрган бўлсалар ҳам, Мени имтиҳон қилдилар. Шунинг учун бу наслдан безор бўлиб дедим: булар доим дилидан адашган бир қавмдир, Менинг йўлларимга риоя қилмайдилар. Мен ғазабланиб, онт ичдимки: улар Менинг фароғатимга кирмаслар». Худо ваъда берди. Ва ўша авлоднинг ҳеч бир вакили ваъда қилинган жаннатмонанд ерни кўра олмади. Ўз ҳаётингизга назар ташланг, сиз ҳам худди шундай хатога йўл қўяётганингизга ишонч ҳосил қиласиз. Бугун фош қилувчи, қўрқитувчи ва яқинлашиб келаётган Қудратли Худонинг ғазаби тўғрисида огоҳлантирувчи ваъзлар муваффақият қозона олмайди. Юқорида келтирилган парчадан келиб чиқяптики, кўп тарғиботчилар ўз мажбуриятларига эътибор бермайдилар. Улар Парвардигор муҳаббати, муруввати ва марҳамати ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадилар. Аммо жавоб берадиган вақт албатта келади. Ҳукм вақти келади. Парвардигор сизни Ўз хотиржамлигига олиб киришга тайёр. У сизга Ўз нажотини ҳадя қилмоқчи. Бироқ сиз юрагингизни тошга айлантирасиз ва ноумидсизликка тушиб, гуноҳга ботасиз. «Яҳудийлар билан саҳрода бўлиб ўтган воқеа, — дейди Раббий, — сиз билан юз бермасин». 13-оятда муаллиф сизга маслаҳат беради: «…бир-бирингизга ҳар куни насиҳат қилиб туринглар…». Шунинг учун мен ҳам сизга қуйидагиларни эслатиб қўйишни ўз бурчим деб биламан: «Бугун, бугун, бугун — ўша кундир». Масиҳдан бугун юз ўгирманг. Агар сиз бугун буни қилсангиз, унда эртага буни қилиш осонроқ бўлади, индинига эса янада осонроқ бўлади. Сиз ўз юрагингизни тошга айлантиряпсиз. Бир куни Дуайт Мооди ваъзининг сўнггида барча йиғилганларга уйларига боришни, кейинги кун эса Масиҳга эътиқод қилиш учун келишни буюрди. Аммо ўша куни тунда ваъздагиларнинг кўпчилиги Чикагода рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлишди. Шундан сўнг Мооди ваъда берди: «Энди мен ҳеч қачон ҳеч кимга эртага сўзини айтмайман». Худо сизга Ўз севгисини намоён қилади. У сизга Ўзининг қудратли қўлини чўзади. Парвардигор сизга хотиржамликни қўлга киритишни, ўзингизнинг такаббурона, беҳаловат ҳаётингиздан дам олишни, сизга қўрқув, хатарларингиз, кўнгилсизликларингиз ва гуноҳ учун айбдорлик туйғусидан халос бўлишни таклиф қилади. Исо шундай дейди: «Отам кимни Менга берган бўлса, Менинг олдимга келади. Олдимга келган одамни эса сира қувиб чиқармайман…» (Юҳ. 6:37). Ваҳий китобида ҳам шундай дейилган: «Руҳ ҳам, Келин ҳам: «Кел!» — деб чорлаяпти. Эшитган киши ҳам: «Кел!» — десин. Чанқаган келсин, хоҳлаган ҳаёт сувидан текин баҳра олсин» (Ваҳ. 22:17). Сиз Унинг Шоҳлигига ишларингиз билан эмас, эътиқодингиз билан кирасиз. Буни кейинга сурманг. Халос бўлишнинг бу ажойиб ҳадясига эътиборсизлик қилманг. «Эртага», ёки «Мен буни яхшироқ тушунган пайтимда» деманг. Буни ҳозир амалга оширинг. Худо Каломи ўткир дудама қиличдир. Бу — ундан беркинишнинг сира иложи йўқ дегани. Худо Каломи сизнинг юрагингизни, ҳатто сиз жуда тақводор бўлиб, жамоатга борганингизда, кутиш позициясини эгаллаганингизда ва Масиҳни фақат ақлингиз билан англаганингизда ҳам тешиб ўтади. Худо Каломи доимо сизга юрагингизнинг ҳақиқий ҳолатини ва сизнинг эътиқодингиз қанчалар самимий эканлигини кўрсатади. Бу оддий мавзу эмас. Мен кимнингдир умидларини сўндирмоқчи ҳам эмасман. Мен фақат сизнинг Исо Масиҳга эътиқод қилишингизни ва Унинг хотиржамлигига киришингизни хоҳлайман. Агар сиз Унинг ҳузур-ҳаловат амрларида баён қилинган шартларини итоаткорлик билан қабул қилмасангиз, сиз Худо жазосига дуч келишингиз хавфи бор. Унинг ҳузурига келинг. Унинг севгисини англанг. Шоҳлик табааларининг тўлақонли ҳаёти билан ҳозироқ бу ерда яшанг! Агар сиз тақводор одам бўлсангиз, ҳақиқатан гуноҳлардан фориғ бўлсангиз, мен сизга буюк қувончни ҳис қилишни тилайман. Бу қувонч юрагингизни тавба қилдириб, ўзингизда ҳузур-ҳаловат амрларида санаб ўтилган ҳусусиятларни кўрганингизда келади. Ушбу хусусиятлар Осмон Шоҳлигининг барча табааларига хосдир. Улар нафақат йўлланма беради, балки сизнинг ҳаётингизни мукаммал ҳам қилади. Илова 1-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. «Итоаткорликсиз эътиқод» шодликни пайдо қилади. Аммо Худога барқарор ва сўзсиз итоаткорликни келтирадиган ўша бахтнинг ўрнини боса олмайди. 2. Худога самимий итоаткорлик — халос бўлишга ишонч ва бехавотирлик туйғусини пайдо қилади. Халос бўлишга ишонч ва хавфсизлик туйғулари эса Худо Шоҳлигида яшаётган ҳаммага ҳадя қилинади. 3. Сиз маммонга хизмат қилиб, бир вақтнинг ўзида ҳам дунёга дўст бўла олмайсиз, ҳам Худога дўст бўлиб Унга хизмат қила олмайсиз. 4. Худога манзур бўлиш учун қилган бизнинг ҳаракатларимиз Масиҳ тақводорлиги мезонларига мос келмайди. 5. Ўз ҳаётингизни ўрганиб сиз ўз эътиқодингизнинг ҳақиқатда қандай эканлигини кўришингиз мумкин. Парвардигор сизга бутун ҳаётингизни ўзгартиришга ёрдам беради. 6. Тез-тез такрорланадиган ва тавба қилинмаган гуноҳга нисбатан Худо бардошининг чегараси бор. Савол ва топшириқлар 1. Бир вақтнинг ўзида ҳам дунё билан дўстлашишга, ҳам Худога эътиқод қилишга менинг имконим бор, деб ҳисоблайсизми? 2. Нажот топиш учун сизнинг ишончингиз нимага асосланади? 3. Ўзингизни кейинги ҳафта давомида синаб кўринг ва Худо билан Унинг мезонларига мос равишда муносабатларни тиклашга қарор қабул қилинг. 2-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Инсон бахти вазиятларга боғлиқ. Худо марҳаматлари эса ҳеч нарсага боғлиқ эмас. 2. Парвардигор билан ярашиш юзаки ишлардан ёки урф-одатларга риоя қилишдан эмас, балки юракдан бошланади. 3. Ҳеч қандай моддий фаровонлик руҳий марҳаматларни қидирувчи руҳий ташналикни қондира олмайди. 4. Тоғдаги ваъз бу дунёнинг муваффақият, ривожланиш ва ҳузур-ҳаловат каби қадриятларига мос келмайди. 5. Исо нуқтаи назарини тўғри тушуниш учун, энг аввало, Унинг ваъзлари ичида энг буюги бўлган бу ваъзни унда мавжуд бўлган ҳақиқатларни амалий қўллаш мақсадида ўрганиш керак. 6. Масиҳийлик таълимотини одамларга етказишнинг энг самарали усули — ҳузур-ҳаловат амрларини бажаришдир. Савол ва топшириқлар 1. Уларга қараб Муқаддас Ёзувнинг бу парчасини ўрганиш нақадар муҳим бўлган бешта асосий сабабни ажратинг. Улардан қайси бирини сиз батафсилроқ ўрганишни хоҳлардингиз? Қайсиси сизга энг мураккаб туюлади? 2. Бир вақтнинг ўзида қайғуга берилиб, жабр-зулм чекиб, ўзимни бахтли деб тан олишим мумкин, деб ҳисоблайсизми? Исонинг қандай бошқа сўзлари бундай ҳолатнинг мумкинлиги фойдасига гувоҳлик беради? 3-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Руҳий камбағаллик ҳолати моддий бойликларнинг етишмаслиги билан боғлиқ эмас, ҳаракатсизлик ёки дангасаликка ўхшамайди. 2. Биз руҳий камбағаллигимизни кўриш даражасида ўзимизни итоатли қилмагунимизча, биз Худодаги ҳаётнинг руҳий бойликлари ҳақиқийлигини англай олмаймиз. 3. Ўз-ўзидан воз кечиш (ўзини намоён қилишнинг акси) ҳозирги замон жамоатида унча машҳур эмас. 4. Шоҳлик мезонларига мос келишнинг энг зарур шарти — буни ўз кучимиз билан қила олмаслигимизни тан олишдир. 5. Ҳақиқий руҳий камбағаллик ҳолатига эришиш учун биз ўз эътиборимизни Худога қаратишимиз ва шаҳвоний табиатимизнинг мутлақо ночорлигини англашимиз керак. 6. Сиз Масиҳ ҳузурига Унинг шартлари асосида келишингиз керак. Шунингдек, Унга ҳаётингиз устидан ҳукмронликни бериш учун ўзингизни ўзингиз назорат қилишдан воз кечишингиз керак. Савол ва топшириқлар 1. Бобнинг сўнгида берилган руҳий камбағаллик ҳолатидаги ҳаётнинг еттита фарқли белгисини ўрганинг. Ўзингизни текширинг ва ўз муваффақиятларингизни 10 баллик шкалада баҳоланг. Ҳар бир соҳадаги ҳаракатингизга баҳо беринг. Агар 10 балл — бу Худо мезони бўлса, унда ҳар бир бўлим бўйича ўз мағлубиятингизни тан оласизми? 2. Агар сиз еттита бўлимдан биттасида сал бўлса ҳам ўсишни кузатсангиз, Худога Унинг марҳамати учун миннатдорчилик билдиринг ва Унга кейинчалик ҳам ўз ишончингизни ифодаланг. 4-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Эҳтимол, сиз оғриқдан ва салбий туйғулардан қочишга шоша-пиша ҳаракат қилаётгандирсиз ва сизнинг руҳий ўсишингизга уларнинг фойдали таъсирини англамаётгандирсиз. 2. Кўз ёшлар ва ғамни ифодалашнинг бошқа усуллари самимий туйғуларнинг кучли намоён бўлиши ва оғриқ ёки қувончни ифодалаш учун Худо инъомидир. 3. Бахт гуноҳ ҳақидаги қайғуда эмас, балки биз тавба қилаётганимизда тасалли сифатида бизга келадиган Худо жавобида мужассамдир. 4. Жамоат бугун гуноҳларга аза очиб йиғлашнинг муҳимлигини таъкидламайди, муқаррар ҳукм олдидаги қўрқув ҳақида, Худо юрагидаги самимий қайғу ҳақида гапирмайди. 5. Худо сизга Ўз Руҳи, Ўз Каломи воситасида, сизнинг Масиҳдаги биродарларингиз ва опаларингиз ёрдамида тасалли беради. 6. Биз Хочга мурожаат қилган вақтимизда ва У биз туфайли қилган ишнинг мазмунини тушунганимизда гуноҳ учун тавба қилишнинг барча тўсиқлари бартараф қилинади. Савол ва топшириқлар 1. Сизга гуноҳларингиз учун тавба қилишингизга ва улар ҳақида қайғуришга нима халақит беради? Худодан сизга бу тўсиқларни кўрсатишни ва улардан қандай қилиб халос бўлишни кўрсатишини сўранг. 2. Жамоат ўзингиз қилган гуноҳларга чуқур ва самимий тавба қилишингизга ёрдам бермаслигига сиз далилисбот келтира оласизми? 5-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Исо ғалаба келтирувчи Масиҳни кутаётган ўша пайтнинг сиёсий ва диний арбобларининг ҳафсаласини пир қилди. 2. Исо пайғамбар Ишаё Китобидаги (40–66) азоб чекаётган Қул ҳақидаги башоратини амалга оширди ва бу билан Ўзининг камтарлик мезонини ўрнатди. 3. Муқаддас Китобдаги камтарлик «жасоратнинг етишмаслиги» деб таржима қилинадиган луғатлардаги изоҳлар билан мос келмайди. Муқаддас Китобда айтилишича, камтарлик — бу юмшоқлик, нафислик, кўнгилчанликдир. 4. Камтарлик ўз-ўзидан воз кечишнинг фойдали томони ва Худо назорати остидаги ҳақиқий куч манбаидир. 5. Камтарлар ер ҳақидаги ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмасалар ҳам бўлади. Чунки Худо уларга ерни мерос қилиб беради. Савол ва топшириқлар 1. Камтарлик намунаси сифатида Мусо, Иброҳим ва Довудларнинг ҳаётларини кўриб чиқинг. Янги Аҳднинг қайси қаҳрамонларида яна шундай хусусият бор эди? 2. Бу бобни ўрганиб чиқиб камтарлик билан адаштириладиган иложи борича кўпроқ хусусиятларни айтинг. Нега бизнинг жамиятимизда камтарлик ҳақида нотўғри тасаввур мавжуд? 3. Сиз танқидга ёки Худо Сўзини ошкор қилишга қандай муносабат билдирасиз? Бу камтарлик каби хусусиятга сиз эгамисиз ёки йўқми — аниқлашингизга ёрдам беради. 6-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Ҳузур-ҳаловатнинг барча амрлари Худо Шоҳлигига кириш ва ундаги ҳаётдан ҳузур-ҳаловат олиш учун зарурдир. 2. Ҳеч қандай жисмоний очлик халос бўлмаган руҳнинг қониқмаган руҳий ташналиги билан тенглаша олмайди. 3. Бундай ҳолатда очлик ва ташналикни ҳис қилиш — тақводорликни астойдил излаш демакдир. 4. Руҳий изланишларимизнинг объекти қандайдир руҳий жазава эмас. Бизнинг мақсадимиз — қутулиш ва Масиҳда муқаддаслашишдир. 5. Сиз руҳан ўсиб қандай муваффақиятларга эришсангиз ҳам барибир, мукаммаллашишга муҳтож бўласиз. 6. Руҳий ташналикдан иборат бўлган Худони излашингиз қатъий бўлиши керак. У сифатсиз дунё «озиқовқатидан» бош тортишга тайёргарлик билан баробар содир бўлиши керак. Савол ва топшириқлар 1. Ерда ўзига жалб қиладиган васвасалар сизнинг эҳтиёжларингизни қондиришига умид қиласизми ёки сиз унга буюк илоҳий ҳақиқат ёруғидаги мос жойни ажратасизми? 2. Худо сизда мавжудлигидан ширин туйғуларга тўлган вақтингизни эсланг. Нега бу кечинмаларни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди? 3. Сиз қандай руҳий билимларнинг етишмаслигини ҳис қиляпсиз? Ўз руҳий ривожланишингизнинг режасини тузинг. 7-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Сиз масиҳий сифатида тақводорлик ниқобини тақиб юрмаслигингиз керак. Ички истаклар ишларимиз билан мувофиқ бўлиши керак. 2. Баъзида Худо мурувватининг намоён бўлишини, мен томондан Худо учун қилинган эзгу иш учун мукофот, деб нотўғри талқин қилиш мумкин. 3. Исо ер юзидаги энг мурувватли Одам эди. Чунки У жамиятнинг барча табақалари аъзоларига шафқат кўрсатди. 4. Худонинг марҳамати гуноҳни йўқ қилади. Мурувват эса унинг оқибатларини бартараф қилишга ёрдам беради. 5. Мурувват кечирим доирасидан ташқарига чиқади, севги кетидан боради ва олий ҳукм билан уланади. 6. Фақат Худодан мурувват олибгина, сиз уни бошқалар билан улаша оласиз. Савол ва топшириқлар 1. Мурувватни моддий ва руҳий намоён этишнинг жуда кўп усуллари мавжуд. Бу усуллардан қайси бири сизга яқинроқ? 2. Сизнинг ҳаётингизда Худонинг муруввати қандай намоён бўлган ва унга сизнинг жавобингиз қандай эди? 3. Худодан бошқа яна ким сизга мурувват кўрсатади? 8-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Фарзийлар тақводорликнинг янги қонунларини кашф қилдилар. Чунки улар Худо қонунини бажара олмадилар. Аммо тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қилдилар. 2. Фарзийлар томонидан ўйлаб топилган қўшимча қонунларнинг оғир юкидан азоб чекаётган одамлар Худога қандай ёқишни билмасдилар ва йўл излар эдилар. 3. Худо доимо Ўз поклик ва мукаммаллик мезонларига мос келади, биз гуноҳкорлар бўлишимизга қарамасдан ўзгармайди. 4. Пок юракда инсоннинг фикрлари, иродаси ва туйғуларини белгилаб берувчи пок истаклар мавжуд. 5. Сизнинг пок истак ва ишларингиз замирида Худо Каломининг ҳақиқати ётиши керак. 6. Агар пок юракли бўлсангиз, сиз Худога яқинсиз. Унинг ҳузурида яшайсиз ва У билан тинчликдан ҳузур-ҳаловат топасиз. Савол ва топшириқлар 1. Худодан ҳадя қилинган поклик билан амалий поклик орасида қандай фарқ бор? 2. Гуноҳ қилаётганимизда Худо бизни поклашига нима учун ишонишимиз керак? 3. Энг аввало покликни сақлаш учун биз қандай қилиб гуноҳдан сақланишимиз керак? 9-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Барча даражаларда тинчликнинг йўқлиги баъзи одамларнинг юракларида тинчликнинг йўқлигидан дарак беради. 2. Тинчлик ўрнатиш нафақат жанжаллардан қочиш эмас, балки ўзида жанжаллашаётган томонларни яраштирадиган тақводорликка эга бўлишдир. 3. Тинчлик ўрнатувчи бўлиш — бошқаларга Худонинг мезонларига мос келишларига ёрдам беришдир. Бу эса ўз навбатида тинчлик олиб келишга ёрдам беради. 4. Тинчлик ўрнатувчилар бизнинг дунёмизда обрўга эга эмаслар, балки ўз ҳуқуқлари учун курашаётганлар ва сон-саноқсиз талабларни қўяётганлар машҳурдирлар. 5. Ҳақиқий тинчлик фақат Худода бўлиб, бизда яшаётган Руҳ орқалигина эришиш мумкин. 6. Тинчликни мустаҳкамлаш учун биз доимо икки томон манфаатларининг умумий бўлган томонини топишимиз керак. Савол ва топшириқлар 1. Юрак поклигисиз тинчликка эришиб бўлмайди. Ўз ҳаётингиздаги бу ҳақиқатни тасдиқловчи воқеани эсланг. 2. Сиз ўз поклигингиз учун жазо олган вақтингизни эсланг. Ҳеч нимага қарамай сизнинг юрагингизда Худо тинчлиги туйғуси бор эдими? 3. Биз ёқтирмайдиган ва «тўғри» деб аталадиган душманлар бор. Улар кимлар? 10-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Тинчлик ўрнатувчи бўлишимизга қарамай, биз бу қийин масиҳийлик тамойилларига риоя қилишни хоҳламайдиган одамларга жуда халақит берамиз. Бу билан ўзимизга жуда катта кўнгилсизликлар орттириб олишимиз мумкин. 2. Бу амрда жабр-зулм тортганлар икки карра марҳамат қилинадилар. Чунки бу амр жуда муҳим ва унинг бажарилиши учун мукофот жуда катта. 3. Агар бизнинг душманларимиз бизга уруш эълон қилсалар, бу уларнинг лаънатланганликларининг исботидир. Агар биз жабр-зулмларни итоаткорлик билан қабул қилсак, бу бизнинг ҳақиқатдан ҳам Осмон Шоҳлиги табаалари эканлигимиздан дарак беради. 4. Агар бу дунёга мослашиб яшасак, биз бутун ҳаётимизни жабр-зулмларсиз ўтказишимиз мумкин. 5. Бизга жабр-зулм етказганларида — бу биздан эмас, балки биздаги Масиҳ Руҳидан нафратланишларидан дарак беради. Чунки У бизга жабр етказганларнинг ҳаёт тарзини ва эътиқодини танқид қилади. 6. Агар сиз ҳузур-ҳаловат амрларини бажарсангиз, унда сиз албатта жабр кўрасиз. Савол ва топшириқлар 1. Ўз ҳаётингизда масиҳийларча фаоллигингиз туфайли жабр-зулм қўрқувидан чекланган пайтларингизни эсланг. 2. Сизга ўтказилган жабр-зулмнинг худди тақводорлик намунаси каби ижобий натижаларини эсланг. 11-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Бизнинг жамиятимиз масиҳийлик қадриятларига асосланган бўлишига қарамай, у ҳақиқий масиҳийларни чиқиштирмайди. 2. Худога мукофот учун эмас, муҳаббатингиз туфайли хизмат қилинг. Чунки ўринсиз мукофот йўлдан оздиради. 3. Биз жабр-зулм пайтида хурсанд бўламиз. Чунки бу синовлар вақтинчалик, мукофот эса мангу эканлигини биламиз. 4. Бугунги кунда кучли гувоҳликлар обрўли иш бўлиб бормоқда. Чунки биз «гувоҳ» сўзи «жафокаш», яъни ўз эътиқоди учун ҳамма нарсага тайёр одам эканлигини унутдик. 5. Биз мардлик билан Худонинг ёнини олишимиз керак. Чунки агар бизда Парвардигор қўрқуви бўлса, ҳеч қачон дунё қўрқуви бўлмайди. 6. Масиҳ номи учун жабр-зулмдан азоб чекиб, сиз қадимий пайғамбарлар билан бир қаторда турасиз. Буни эса олий шараф деб билиш керак. Савол ва топшириқлар 1. Сиз жасур Худо тарғиботчиси бўлиб яшашингиз учун заминдаги ҳаётнинг барча роҳат-фароғатларидан воз кечишга тайёрмисиз? Бу йўлда сиз нимани қурбон қилишга тайёрсиз? 2. Сиз осмондаги мукофотингизни сабрсизлик билан кутяпсизми? Масиҳга ва осмондаги меросингизга эътибор қаратинг ва сиз бу йўлдаги барча қийинчиликларга бардош бера оласиз. 12-боб Ўйлаш учун мавзулар 1. Ҳузур-ҳаловат амрлари Шоҳликдаги ҳаёт тамойилларига риоя қилиш, кейинги мукаммаллашув учун ўзингизни синаб кўришга ундайди. 2. «Ибронийларга мактуб» эътиқодли бўлганлар, аммо муросага келиб икки томонлама ҳаёт кечиришни давом қилаётганларни огоҳлантиради. 3. Худо ҳақиқат ҳақидаги билимларга эга-ю, аммо уларни ўз ҳаётига тадбиқ қилмайдиганларга янада қатъий талаблар қўяди. 4. Худо Каломи юрагингизнинг ҳақиқий ҳолатини ўзингизга кўрсатишига имкон беринг ва эртага қолдирмасдан бугун Худо ҳузурига келинг. Савол ва топшириқлар 1. Ҳар ҳафтада ўзингиз учун ҳузур-ҳаловат амрларидан бирини танланг. Худодан, Ўзингнинг Руҳинг бошчилигида шу амрни бажаришда менга ёрдам бер, деб сўранг. 2. Ушбу китобни ўқиганингизда сизга нималар намоён бўлди? Шу ваҳийлар ёрдамида ўз хулқингизни ўзгартириш учун олдингизга мақсад қўйинг. 3. Тоғдаги ваъз ҳақиқатини Раббий ортидан боришда ўз йўлида мукаммалликка интиладиган одамларга етказинг. Библиография • Allen, Willoughby C. Saint Matthew: A Critical and Exegetikal Commentary. Edinburg: T.&T. Clark, 1907. • Barclay, William. The Gospel of Matthew, vol. 1, The Daily Study Bible. Philadelphia: Westminster, 1956. • Barclay, William. The Beatitudes; The Lord’s Prayer for Everyman. New York: Harper & Row, 1968. • Boice, James Montgomery. The Sermon on the Mount. Grand Rapids: Zondervan, 1972. • Broadus, John A. Commentary on the Gospel of Matthew. Valley Forge: Judson, 1886. • Briscoe, Stuart. Now for Something Totally Different. Waco, Tex.: World, 1978. • Erdman, Charles R. The Gospel of Matthew: An Exposition. Philadelphia: Westminster, 1975. • Gaebelein, Arno C. The Gospel of Matthew: An Exposition. Neptune, N. J.: Loizeaux Brothers, 1977. • Hendriksen, William. New Testament Commentary. Grand Rapids: Baker, 1973. • Hill, David. The Gospel of Matthew. The New Century Bible. Greenwood, S. C.: Attic Press, 1972. • Lawlor, George L. The Beatitudes Are of Today. Grand Rapids: Baker, 1974. • Lenski, R. C. H. The Interpretation of St. Matthew’s Gospel. Minneapolis: Augsburg, 1943. • Lloyd-Jones, D. Martyn. Studies in the Sermon on the mount. Grand Rapids: Eerdmans, 1959. • MacDonald, William. The Gospel of Matthew. Kansas City, Kan.: Walterick, 1974. • Pentecost, J. Dwight. Design for Living. Chicago: Moody, 1975. • Pink, Arthur W. Exposition on the Sermon on the Mount. Grand Rapids: Baker, 1950. • Plummer, Alfred. An Exegetical Commentary on the Gospel According to St. Matthew. Grand Rapids: Eerdmans, 1963. • Sanders, J. Oswald. For Believers Only. Minneapolis: Dimension, 1976. • Stott, John R. W. Christian Counter-Culture. Downers Grove, Ill.: InterVarsity, 1978. • Tasker, R. V. G. The Gospel According to St. Matthew. Grand Rapids: Eerdmans, 1961. • Watson, Thomas. The Beatitudes. Edinburgh: Banner of Truth. 1975. • Wiersbe, Warren W. Live Like a King. Chicago: Moody, 1976. Еслатмалар 1. William Barklay, The Gospel of Matthew (Philadelphia: Westminster, 1956, 1:84). 2. Ibid., 1:84-85. 3. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 27. 4. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 42. 5. Martyn Lloyd-Jones, Studies in theSermon on the Mount (Grand Rapids: Eerdmans, 1959), 1:73-74. 6. Бойс М. Блейклокдан парча келтирган: E. M. Blaiklockm «Water», Eternity, August 1966, 27. 7. R. C. H. Lenski, The Interpetation of Matte’s Gospel (Minneapolis: Augsburg, 1943), 189. 8. Ллойд-Жонснинг китобидан парчалар олинган: Martyn Lloyd-Jones, Studies in the Sermon on the Mount, 1:81. 9. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 128. 10. Martyn Lloyd-Jones. Studies in the Sermon jn the Mount (Grand Rapids: Eerdmans, 1959), 1:96. 11. Donald G. Barnhouse, Expositions of Bible Doctrines: Bible Study (Grand Rapids: Eedermans, 1964), 9:4. 12. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 149. 13. Т. Уотсоннинг китобидан олинган: Watson, The Beatitudes, 144. 14. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 175. 15. Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 259. 16. Ушбу китобдан олинган: William Barklay, The Gospel of Matthew (Philadelphia: Westminster. 1956), 1:106-107. 17. William Barklay, The Daily Study Bible, vol. 1, The Gospel of Matthew (Philadelphia: Westminster. 1956), 107–110. 18. Arthur W. Pink, An Exposition of the Sermon on the Mount (Grand Rapids: Baker, 1950), 39. 19. William Barklay, The Daily Study Bible, vol. 2, The Gospel of John (Philadelphia: Westminster, 1956), 2:216. 20. Don Richardson, Lords of the Earth (Glendale, Calif.: Regal, 1977), 304–307. Copyright Gospel Light Publications, Ventura, Calif. 91209. Рухсат билан фойдаланилган. 21. James Moffatt, First Epistle to the Corinthians (Naperville, Ill.: Allenson, 1938). 22. William Barclay, The Acts of the Apostles (Philadelphia: Westminster, 1956), 38.