Александр Строк МЕҲМОНДЎСТЛИК АМРЛАРИ Қандай қилиб меҳр-муҳаббат асосида масиҳийлик жамоасини қуриш мумкин. Дўстлар ва қўни-қўшнилар билан муносабатларни қандай қилиб йўлга қўйиш мумкин. Меҳмондўстлиги чиндан ҳам чексиз бўлган Мэриленга бағишланади. 1-боб. Тождаги олмос Бир куни меҳнат таътили пайтида хотиним билан саёҳат қилиб юриб, бизга олдиндан таниш бўлган эр-хотинни учратиб қолдик. Илгари улар бизнинг жамоатимизга ва Муқаддас Китобни ўрганиш курсларига боришарди. Кейин улар бошқа шаҳарга кўчиб кетишган эди. Биз бу одамларнинг руҳий бахт-саодати тўғрисида хавотир олардик. Улар Худо билан яшашда давом этаётганликларини, кичик бўлса-да, ўша ердаги маҳаллий жамоат ҳаётида фаол иштирок этаётганликларини билиб жуда хурсанд бўлдик. Аммо улар бир нарсадан норози эдилар. Сўнгги бир йил ичида янги жамоат аъзоларидан биронтаси, ҳатто унинг руҳий қавмбошиси ҳам биродарларимизни уйларига меҳмондорчиликка чақирмабдилар. Шунинг учун бизнинг дўстларимиз ҳали ҳам бу жамоатда ўзларини бегона ҳис қилишаркан ва бундан жуда хафа эдилар. * * * Жамоатимизнинг аъзоларидан бири бўлган кексароқ аёл бир воқеани айтиб берди. Бу воқеа нима сабабдан масиҳийлик меҳмондўслиги ҳақидаги амрни тушуниб олишимиз кераклигини кўрсатиб беради. Бир вақтлар у аёл ҳар якшанба куни автобусда бир соатдан ортиқроқ йўл юриб, шаҳарнинг бир четидаги жамоатга қатнар экан. У ҳар якшанбада эрталабки ибодатдан сўнг қаҳвахонада ёлғиз овқатланар, бир неча соат — то кечки хизмат (ибодат) вақтигача ё паркда сайр қиларкан, ё бўлмаса кутубхонада китоб ўқиркан. Тўрт йил ана шу тарзда ўтибди. Шу тўрт йил давомида бирон марта бўлса-да, жамоат аъзоларидан ҳеч ким уни бирга овқатланишга, жамоатдаги хизматлар орасида дам олиш учун уйига таклиф қилмабди. Ўша аёл шу учун хафа экан. У, энди бу жамоатга бошқа келмайман, деб айтганда, бир кекса аёл уни уйига тушликка таклиф қилибди. Аммо танишимнинг бу жамоатда охирги ўтказган якшанбаси эди. * * * Баъзида ўзим ҳам якшанба кунлари ваъз ўқишим керак бўлган жамоатга икки, ҳатто уч соатгача вақтимни сарфлар эдим. Баъзида ваъз ўқиб бўлганимдан сўнг менга чек беришар, яна келишимни сўрашар, қўлимни дўстларча сиқиб, хайрлашаётганда мени қучоқлаб, илиқ сўзлар айтишарди. Аммо тингловчиларимдан ҳеч ким узоқ йўл олдидан менга дам олиш учун имкон бериш мақсадида ёки хизматдан сўнг суҳбатни давом эттириш учун мени уйига таклиф қилмасди. * * * Бундай хотиралар мени жуда хафа қилади ва бунинг ҳеч ҳайрон қоларлик жойи йўқ. Бу меҳр-муҳаббат ва меҳмондўстликка эътиборсиз масиҳийлик ҳаётидан намуналардир. Энг ёмони шуки, бу Муқаддас Ёзувнинг аниқ ва равшан амрларига очиқчасига бўйсунмасликнинг намуналаридир. Ибронийларга Мактубнинг сўнгида Муқаддас Руҳдан илҳомланган муаллиф масиҳий ўқувчиларини, бир-бирларингизни чин юракдан, худди ака-опаларингизни севгандай севинглар, деб даъват қилади (қаранг: Ибр. 13:1). Ва дарҳол уларни меҳмондўстликни унутмаслик ҳақида — ака-сингиллик меҳрининг муҳим ҳаётий томонига эътиборсизлик қилмаслик ҳақида огоҳлантиради. Афсуски, ҳозирги пайтда жуда кўп масиҳийлар меҳмондўстлик амрларига аҳамият бермайдилар. Боливиядаги методистлар жамоатининг собиқ Руҳонийси Мортимер Армас шундай деб ёзади: Ҳозирги дунёда, айниқса, жиноятчилик даражаси юқори бўлган, хонадонлар эшиклари тақа-тақ беркитилиб, хусусий ҳаётга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида турли сигнал тизимлари ўрнатилаётган пайтда меҳмондўстлик деярли унутилаёзган масиҳийлик хислатига айланиб бормоқда. Ҳолбуки, айнан меҳмоннавозлик Янги Аҳд масиҳийлари ва масиҳийлик жамоатининг хусусияти бўлган[1]. Агар Ариаснинг айтаётганлари тўғри бўлса, чиндан ҳам «меҳмонларга илтифот масиҳийлар ва масиҳийлик жамоатларининг хусусияти бўлган бўлса», унда бизга ҳақиқатдан ҳам масиҳийлик ҳаёти ва хизмати тожида асосий олмослардан бири етишмайди. Мабодо сиз «илк масиҳийларнинг ва масиҳийлик жамоатларининг меҳмонларга илтифотли бўлганларига» шубҳа қилсангиз, унда қуйидаги парчага эътибор қилинг-а: Наҳотки, сизникига қачонлардир собит эътиқодингиздан завқланмаган меҳмон келган бўлса ёки у сизнинг ажойиб меҳмондўстлигингиз ҳақида гапирмаган бўлса?[2] Бу меҳмондўстликнинг ажойиб мақтови Рим жамоати аъзолари томонидан эрамиздан олдинги 96-йилда Коринфлик масиҳийларга ёзилган эди. Аммо «ажойиб» меҳмондўстлик ўша пайтда фақат Коринф жамоатининг фазилати бўлмаган. Биринчи ва иккинчи аср давомида Рим империясининг барча масиҳийлик жамоатлари меҳр-муҳаббатга тўла бўлган ҳақиқий масиҳийлик меҳмондўстлиги билан фарқланиб турганлар. Бу борада Римдаги жамоат барча жамоатлар ичида энг машҳури бўлган. Таниқли Жамоат тарихчиси Адольф фон Гарнак (1851–1930) шундай деб таъкидлайди: …Масиҳийликнинг биринчи асрларида айнан Рим жамоати ушбу амрни (меҳмондўстлик амрини) бажаришга бўлган ғайриоддий интилиши билан донг таратган эди… Рим жамоати Масиҳ жамоатини гуллаб-яшнаётган… ва меҳмондўстлик унинг асосини ташкил қилган ҳолда кўришни истарди…[3] Густав Штелин меҳмондўстликни намоён қилишнинг грекча, римча, яҳудийча ва масиҳийча одатларини ўрганишга бағишланган илмий асарида шундай деб таъкидлайди: «Биринчи асрларда масиҳийликнинг энг ёрқин фарқли хусусиятларидан бири, шундай эзгу ишларга бойи — шубҳасиз, мўминларнинг меҳмондўстлигидир»[4]. Турган гапки, меҳмондўстлик илк масиҳийлар учун алоҳида мазмунга эга бўлган. Янги Аҳд муаллифлари — Павлус, Бутрус, Юҳанно, масиҳийлар албатта меҳмондўст бўлишлари керак, деб таъкидлаганлар. Бироқ нима сабабдан меҳмондўстлик масиҳийлик учун шунчалар муҳим? Нега уни масиҳийликнинг яхши хусусиятларидан бири деб ҳисоблашади? Меҳмондўстликнинг руҳий ҳаётга қандай боғлиқлик жойи бор? Муқаддас Ёзувнинг ҳақиқийлигига ва Худо руҳига мослигига ишонувчи масиҳийлар сифатида биз бу саволларга жавоб беришимиз керак. Биз ўзимиз учун Янги Аҳднинг меҳмондўстлик ҳақидаги таълимотини қайтадан кашф қилишимиз лозим. Биз масиҳийларни уларнинг руҳий мажбуриятлари бўлган меҳмондўстлик кўрсатишга ундашимиз керак. Меҳмонларни иззат-икром қилган одамларни қандай мўл-кўл роҳат-фароғатлар кутаётганини биз уларга кўрсатишимиз керак. Биз жамоатларни мустаҳкамлаш ва Худога янги одамларни олиб келиш учун меҳмондўстлик орқали бўладиган имкониятга янгича қарашимиз лозим. Муқаддас Китобнинг биродарлик муҳаббати ҳақида сўз борган деярли ҳар бир матнида меҳмондўстлик кўрсатишга даъватлар учрайди. Шунинг учун нима сабабдан Янги Аҳд масиҳийлардан меҳмонларга илтифот кўрсатишни талаб қилишини тушуниш учун, келинг, олдин Масиҳдаги ака-опалар ўртасидаги ажойиб меҳр-муҳаббат ҳақида сўз юритайлик ва биродарлик меҳр-муҳаббати билан меҳмондўстлик ўртасидаги чуқур алоқаларни ўрганиб чиқайлик. 2-боб. Масиҳий оилада меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаб Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар. Ибр. 13:1 Масиҳийларнинг манфаатлари, дунёқараши бир хил бўлгани, бир хил вазиятда бўлганлари учунгина биродарлар ва опалар деб эмас, балки улар «Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрганимиз» (2 Кор. 4:10) учун биродарлар ва опалар деб аташади. Уларни қон–қариндошлик ришталари эмас, балки руҳий қариндошлик бирлаштириб туради (қаранг: Юҳ. 1:12–13). Шунинг учун фақат Исо Масиҳнигина масиҳийлик биродарлигининг асосчиси деб айтамиз. Муқаддас Китоб изоҳларининг муаллифи Филипп Хьюс бу ажойиб таълимотнинг мазмунини аниқ тушунтириб берган: «Биз, энг аввало, Унга (Масиҳга) биродармиз, кейин ва шу сабабдан — бир-биримизга, шунинг учун гуноҳдан фориғ бўлганлар бирлигини ташкил қиламиз»[5]. Ўз нуқтаи назарини изоҳлаб Хьюс шундай деб ёзади: …Барча масиҳийлар дуо қиладиган биродарликнинг асосчиси Масиҳнинг Ўзидир. Биринчидан, У Худо-Одам бўлганлиги туфайли, иккинчидан, биз У сабабли гуноҳкорлардан фориғ бўлганлигимиз туфайли. Шундай қилиб, масиҳийлик биродарлиги — бу, энг аввало, Масиҳдаги биродарликдир[6]. Ибронийларга Мактубнинг муаллифи дадиллик билан, Исо Масиҳ ҳеч иккиланмасдан бизни, қачонлардир гуноҳкор бўлганларни — Ўз биродарлари ва опа-сингиллари деб атаган, дея шундай ёзади. «Чунки ҳам муқаддаслик бахш этувчи Исо, ҳам муқаддаслик қабул қилувчи имонлилар ҳаммаси бир Отадандир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб чақиришдан ор қилмайди…» (Ибр. 2:11). Шунинг учун Ибронийларга Мактубнинг муаллифи масиҳийлар ҳақида «муқаддас биродарларим» (қаранг: Ибр. 3:1) деб айтганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Павлуснинг таъкидлашича, Исо — «кўп биродарлар орасида Тўнғич Ўғил бўлган» (Рим. 8:29). Масиҳ ва Унинг қони билан гуноҳлари кечирилган биродарлар, опа-сингиллар орасидаги биродарлик иттифоқи ҳақиқийдир. Исо бизни шундай деб ишонтиради. Унинг биродарлари ва опа-сингилларининг ҳар бири учун қилинган барча иш У учун ҳам қилинган деб ҳисобланади: «…Сизларга чинини айтайин: сизлар Менинг шу кичик биродарларимдан бирига неки қилган бўлсангиз, бу Менга қилганингиздир» (Мат. 25:40, яна қаранг: Мат. 28:10, Юҳ. 20:17). Ва аксинча, Масиҳдаги биродарга ёки опа-сингилга қарши гуноҳ қилиш «…Масиҳга қарши гуноҳ қилишни» англатади (қаранг: 1 Кор. 8:11–12). Бизнинг, Масиҳдаги биродар ва опа-сингилларимиз билан бирга битта Самовий Отамиз бор. Биз ҳаммамиз доимо Муқаддас Руҳнинг борлигини ҳис қилиб турамиз. Биз барчамиз ўзимизни масиҳийлар деб атаймиз. Биз сувда чўмдирилиб, бир хил имонни қабул қиламиз. Бизнинг орамизда ажралмас қариндошлик алоқалари мавжуд. Масиҳийлик оиласи нима? Бутун Янги Аҳд масиҳийлар орасидаги биродарлик муносабатлари хақидаги фикр-мулоҳазаларга тўладир. Янги Аҳд муаллифлари Жамоат моҳиятини тасвирлаш учун ҳар хил — тана, келин, ибодатхона, пода образларидан фойдаланган бўлсалар-да, оила ва биродарлик образларини биз жуда кўп учратамиз. Илк масиҳийлар доимо бир-бирлари тўғриларида худди биродар ва опа-сингиллар ҳақида гапиргандай фикр юритар эдилар. Биродарлар, ака-укалар ёки опа-сингиллар сўзлари Янги Аҳдда 250 марта учрайди. Айниқса, Павлуснинг Мактубларида бундай сўзлар жуда кўп такрорланади. Бутрус эса масиҳийлик ҳақида худди «имондаги биродарлардай» (қаранг: 1 Бут. 2:17) сўз юритади. (Минг афсуски, III аср охирларида ана шундай илҳомлантирувчи атамалар масиҳийлар нутқида йўқола бошлади.[7]) Муқаддас Китобда Жамоатнинг оилавий хусусиятига алоҳида урғу берилишига сабаб аниқдир. Фақат шундагина одамлар орасида яқин муносабатлар ўрнатилади, меҳр-муҳаббат, руҳий яқинлик пайдо бўлади. Шунингдек, Худо, инсон ва Масиҳ қаҳрамонлиги туфайли одамлар орасида ўша янги алоқа юзага келади. Янги Аҳддаги маҳаллий жамоат ўз кундалик ҳаётининг жуда кўп қирралари билан иноқ ва аҳил оилага ўхшайди: • Масиҳийлар бир–бирлари билан муқаддас ўпич билан саломлашганлар (қаранг: Рим. 16:16; 1 Кор. 16:20; 2 Кор. 13:12; 1 Фес. 5:26; 1 Бут. 5:14). • Уларнинг мол-мулклари умумий бўлган (қаранг: Ҳавор. 2:44–45), 4:32, 11:29; Рим. 12:13–20; 15:26; 1 Кор. 16:1; 2 Кор. 8; Гал. 2:10, 6:10; Ибр. 13:16; Ёқуб. 2:15–16; 1 Юҳ. 3:17). • Илк масиҳийлар хонаки жамоатларни ташкил қилганлар (Рим. 16:4; 1 Кор. 16:19; Кол. 4:15; Флм. 2). • Улар биргаликда овқатланганлар (қаранг: Ҳавор. 2:46, 20:11; 1 Кор. 11:20; Ибр. 12). • Улар масиҳий беваларга ғамхўрлик қилганлар (қаранг: Ҳавор. 6:1-6; 9:39; 1 Тим. 5:1–16). • Керак бўлиб қолганда улар айб қилганларни тартиб ва жавобгарликка чақирганлар (қаранг: 1 Кор. 5–6; 2 Кор. 2:1–11; 2 Сал. 3:6–15; 1 Тим. 5:19-20). • Улар бир-бирларини биродарлар деб ҳисоблаганлар (қаранг: Рим. 14:15, 21; 1 Кор. 6:8, 8:11 — 13; 2 Сал. 3:14–15; Флм. 16; Ёқуб. 4:11). • Улар меҳмондўст бўлганлар (қаранг: Ҳавор. 16:15; 21:8, 16; Рим. 12:13; 1 Тим. 3:2; 5:9–10; Ибр. 13:2; 1 Пет. 4:9; 3 Юҳ. 5–8). Илк масиҳийлар ўзларини давлат, ирқий ва миллий чегаралар мавжуд бўлмаган биродарликнинг аъзолари деб ҳисобланганлар. Бу иттифоқ Масиҳ, яъни «Тўнғич Ўғил» билан бўлган биродарликка асосланган (қаранг: Рим. 8:29). Бунинг устига биринчи масиҳийлар, агар улар бир-бирларининг эҳтиёжларига эътиборли бўлсаларгина, тирик қолишлари мумкин эди. «Жуда кўп илк масиҳийлар, — деб ёзади К. С. Льюис, — ўз биродарларига бўлган меҳр-муҳаббатларини азиз деб билганлари учун ва уларни ўраб олган бутпарастлар фикрларига қулоқ солмаганлари учун тирик қолдилар»[8]. (Ибр. 10:23–25, 32–34-оятларни ўқинг). Шубҳасиз, илк масиҳийлар жон-жон деб Глория ва Билл Геттерлар билан қуйидагича куйлаган бўлур эдилар: «Биз Худованд оиласининг аъзолари эканлигимиздан шунчалик шод ва хурсандмизки!» Илтифотлилик ва меҳмондўстлик илк масиҳийларнинг ўзига хос хусусиятлари бўлган ва уларни ўзаро илиқ муносабатлар ажратиб турган. Ушбу сўзларнинг ҳақиқат эканини тасдиқлаб, машҳур биританиялик Жамоат тарихчиси Эдвин Хатч (1835–1889) шундай деб ёзган: Масиҳийлик буюк эътиқод бўлган эди, чунки у биродарликка асосланган. «Биродар» сўзи масиҳийларнинг бир-бирларига мурожаат қилиб айтадиган одатий сўзи бўлган… Ва бу ҳақиқат эди… Масиҳий қаерга бормасин, у ўз биродарлари даврасида доимо илиқ муносабатга ва меҳмондўстликка дуч келарди. Меҳмондўстлик барча масиҳийларнинг эзгу фазилатига айланди[9]. Шундай қилиб, меҳмондўстликнинг пайдо бўлиши масиҳийлик жамоатининг ноёб оилавий табиати билан асосланган. Масиҳийлик севгиси нима? Масиҳийлик меҳр-муҳаббати нима эканлигини тушуниш учун биз эътиборимизни унинг Илоҳий манбаига — Исо Масиҳга қаратишимиз керак. Филипп Хьюс бизга Исо Масиҳ — масиҳийлик ишлари ва муносабатларининг асосчиси эканлигини эслатади: «Агар бизнинг биродарлигимиз асосчиси Масиҳ бўлса, бизнинг биродарлик меҳр-муҳаббатимиз ҳам Ундан бошланади. Унинг бизга бўлган чексиз муҳаббати — бир-биримизга бўлган севгимизнинг манбаидир»[10]. Бир-биримизга нисбатан инсоний севгининг муҳимлигини таъкидлаш учун Раббий Ўз шогирдларига улар билан ўтказган ўша сўнгги бир неча соатда янги буйруқ берди: «…бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар» (Юҳ. 13:34). Бу янги амр — бир-биримизни Масиҳ бизни севган ўша чексиз муҳаббат билан севиш — бутун Янги Аҳднинг бошидан охиригача қизил ип бўлиб ўтади. Юнонча agape, agapao — «севги» деб таржима қилинадиган бу сўзлар ва agapetos сифати («суюклиларим») Янги Аҳдда тахминан 320 марта учрайди. Фрэнсис Шэффернинг энг теран китобларидан бирининг сарлавҳасида таъкидланганидек, севги — масиҳийнинг ўзига хос фазилати бўлиши керак[11]. Павлус ўз яқинларини севишга ундан ҳам кўпроқ аҳамият беради. У агар масиҳий фаришталар овозида гапирса, ё у Муқаддас Китоб ва Худо ҳақида ҳамма нарсани билса, ёки Иброҳимдан ҳам кўпроқ эътиқодга эга бўлса, ёхуд бутун мол-мулкини қашшоқларга тарқатса, ё жафокаш миссионер бўлса-ю, ўз яқинларини севмаса, буларнинг бари ҳеч қандай қимматга эга эмас, деб таъкидлайди: Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсаму, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мис чолғу, янграйдиган занг бўлиб қоламан. Агар башоратгўй бўлсам, агар бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай илмни билсам, агар тоғларни кўчирадиган имонга эга бўлсаму, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч нарса эмасман. Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсаму, лекин севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ. 1 Кор. 13:1-3 Кейинчалик ишонч, умид ва муҳаббат ҳақида гапирганда, Павлус «севги эса энг аълосидир» (қаранг: 1 Кор. 13:13) деб таъкидлайди. Шунингдек, Павлус биродарлик муҳаббатини ҳам алоҳида ажратиб кўрсатади. Масалан, у Салоника шаҳридаги масиҳийларни, сизлар бир-бирларингизни оға-инидай севсаларингиз-да, бундай севгини «янада кўпроқ равнақ топтиринг», деб ундайди. Павлус шундай деб ёзади: Биродарлик муҳаббати тўғрисида сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ. Чунки бир-бирингизни севишни Худодан ўргангансизлар. Зотан, сизлар Македония ўлкаси бўйлаб яшовчи барча биродарларингизга ҳам шундай муносабатда бўляпсизлар. Шунга қарамай, сизларни янада кўпроқ равнақ топишга ундамоқчимиз… 1 Сал. 4:9–10 Римлик масиҳийларга Павлус шундай деб ёзади: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар» (Рим. 12:10). Шунингдек, Бутрус ҳам севгини масиҳийларнинг энг олий эзгу хусусияти деб атайди: «Сизлар Илоҳий Руҳ ва ҳақиқатни тан олиб, жонларингизни пок қилиб, самимий биродарлик муҳаббатига эга бўлгансизлар. Шунинг учун бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар» (1 Бут. 1:22). Яна у таъкидлайди: «Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади» (1 Бут. 4:8). Юҳаннонинг айтишича, масиҳийлик севгиси шунчалик теран бўлиши керакки, биз «ҳам биродарларимиз учун жонимизни беришга» (1 Юҳ. 3:16) тайёр бўлишимиз керак. Бундан ташқари, Юҳанно шундай дейди: «Биз ўлим ҳолатидан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биз биродарларимизни севамиз. Кимки биродарини севмаса, ўлим ҳолатида бўлади» (1 Юҳ. 3:14). Кейинчалик Юҳанно нега бундай кескин фикрлар айтаётганининг сабабини тушунтириб беради: «Ким Худони севса, биродарини ҳам севмоғи лозим, деган амрни биз Масиҳдан олганмиз» (1 Юҳ. 4:21). Севги ҳақидаги масиҳийлик таълимоти жамоат тарихидаги мисли кўрилмаган воқеадир. Илк масиҳийликнинг тез тарқалишига ёрдам берган асосий омиллардан бири — биринчи масиҳийлар бир-бирларига кўрсатган меҳр-муҳаббат бўлган. Ва ана шу муҳаббат сезилмай қолмади. III асрда яшаган илоҳиётчи ва маддоҳ (апологет) Тертуллианнинг гувоҳлик беришича, у яшаган даврдаги бутпарастлар масиҳийлик жамоатларида мавжуд бўлган ўзгача меҳр-муҳаббатни тан олганлар. Мажусийлар бундай муҳаббатни сезмай қолмаганлар: «Қаранглар… улар бир-бирларини қандай яхши кўрадилар… улар бир-бирлари учун ўлишга ҳам тайёрдирлар»[12]. Бутпараст Цецилий «Октавий» антик асарида масиҳийларни танқид қилади. Чунки улар «энди учрашган бўлсалар-да, бир-бирларига меҳр-муҳаббат кўрсатадилар… бир-бирларини ўйламай-нетмай биродарлар ва сингиллар деб атайдилар»[13]. Ҳозирги замон ёзувчилари ҳам масиҳийлик эътиқодидаги муҳаббатнинг ўзгача, буюк бир роли ҳақида сўз юритадилар. Машҳур илоҳиётчи олим Б. Уортфилд шундай дейди: «Фидокорона севги масиҳий ҳаётининг моҳиятига айланди»[14]. Жон Стотт куч, билим, эътиқодий тажриба, илоҳий таълимотларга қатъий содиқликни таҳлил қилиб, Гал. 5:22–оят асосида шундай хулосага келади: «севги — олий масиҳийлик қадриятидир»[15]. Муқаддас Китобнинг машҳур таржимони Джеймс Моффат яна шуни таъкидлайдики, «агар биродарлик севгисини оёқ ости қилса, биронта ҳам жамоатни Раббий марҳаматламайди»[16]. Агар сизни масиҳийлик иттифоқида севгининг намоён бўлишига оид намуналар қизиқтирса, унда Чарлз Колсоннинг «Қайта туғилган» номли таржимаи ҳол асарини ўқинг. 1969 йилдан 1973 йилгача Колсон Президент Ричард Никсоннинг махсус маслаҳатчисидай шарафли лавозимни эгаллаган. Шунингдек, у қайғулилиги жиҳатдан машҳур Уотергейт жанжалининг — АҚШ президентлиги тарихидаги энг ифлос ва энг узоқ жанжалли ишларидан бирининг асосий қаҳрамони бўлган. Ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилганлиги ва қонунни бузганлиги учун Колсон бир неча йилга қамоқ жазосига маҳкум этилган эди. Аммо қамоққа жўнашидан 10-ой олдин у Исо Масиҳга юз бурди. Янги масиҳий Колсоннинг қамоқда ўтказган вақти унинг ҳаётидаги энг оғир дамлар бўлди. Шу вақт ичида унга жуда яқин бўлган отаси вафот этди. Вирджиния штатининг Олий Суди Колсонни бундан сўнг юридик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди ва буни Колсонга билдирди. Ушбу воқеадан бир неча кун ўтгач, Колсон ўғлини гиёҳванд моддалар сақлашда айбланиб, қамоққа олинганлигини билди. Колсоннинг рафиқаси Патти ҳам жисмонан, ҳам руҳан жуда эзилган эди. Колсоннинг ўзи эса ҳали қамоқда яна икки йил ўтириши керак эди. Аммо Колсоннинг Масиҳдаги янги биродарлари ва сингиллари унинг озодликка чиқишини яқинлаштириш учун бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат ибодат қилишди. Ал Кью — Миннесота штатидан бўлган кекса конгресс аъзоси ва Вашингтондаги энг ҳурматли одамлардан бири — Колсоннинг қолган муддати ўрнига ўзи «ўтириши» мумкинлиги тўғрисида имкон берувчи эски қонунни топди. Бу ҳақда ибодат қилиб, Кью Колсонга телефон қилди ва Колсонни оиласига қайтариш, унинг ўрнига қолган муддатни қамоқхонада ўзи ўтириши учун Президентдан ижозат сўрамоқчи эканлигини унга айтди. Бошида Колсон бу хабарни эшитиб шунчалар лол қолдики, у ҳатто сўзлаш қобилиятини бир зумга йўқотиб қўйди. Кейин эса қатъият билан қаршилик кўрсата бошлайди. У бундай фидойиликка йўл қўя олмас эди. Бу ҳақда билиб қолган Колсоннинг Масиҳдаги бошқа биродарлари — ҳукуматнинг юқори лавозимларини эгаллаган одамлар — Кью қилмоқчи бўлган ишни амалга оширишни таклиф этишди. Ўз масиҳий биродарлари томонидан бундай меҳр-муҳаббатнинг кўрсатилиши тушкунликда қолган Колсоннинг руҳини тетиклаштирди. У бу ҳақда шундай хотирлайди: Бу менга бир одам иккинчисига нисбатан кўрсатадиган шундай буюк бир севгининг чегараси бўлиб туюлди. Бу — Масиҳ севгисидир! Ал Кью ўз мавқеини қурбон қилишга, Даг Коу эса ўз ҳаётини беришга тайёр эдилар. Мен аниқ биламанки, Грэм ва Гарольд ҳам шундай қилган бўлардилар… Шу куни мен Уни (Худони) ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ билиб олдим. Мен доимо Уни мен билан эканлигини сезиб турардим. Аммо энди мен Унинг кучини ва севгисини билдим. Бу куч ва севги тўрт кишининг мен ҳақимдаги чуқур ғамхўрлигида ифодаланган эди[17]. Бу инсонлар ҳаворий Юҳанно буйруқ қилганидай йўл тутдилар: «…биз ҳам биродарларимиз учун қурбон бўлишимиз керак» (1 Юҳ. 3:16). Масиҳийлик жамоатини севги асосида қуришга меҳмондўстлик имкон беради Биз ҳаммамиз севги — Колсонга кўрсатилган севгига ўхшаган севги –шахсий ҳаётимизни худди маҳаллий жамоатдаги ҳаётга ўхшаб тўйинтириши кераклигини тан олишимиз лозим. Дунёда ҳеч нарса одамларга илҳом бахш этадиган, далда ва тасалли берадиган фидокорона, ҳақиқий ва масиҳийлик севгиси билан тенглаша олмайди. Аммо биз қандай қилиб бундай севгини намоён қила оламиз? Жавоб оддий — биз буни меҳмондўстлик кўрсатиб намоён қилишимиз мумкин. А. Ж. Малерб, мумтоз адабиёт ва Янги Аҳднинг тадқиқотчиси, олим, илк масиҳийлар муҳитида меҳмондўстлик кўрсатиш нафақат амалий иш бўлганлигини, балки бу илоҳиёт масаласи ҳам бўлганлигини кўрсатади: Масиҳийлар меҳмондўстлик кўрсатишда фақат турмуш қийинчиликларини енгиш усулини кўриб қолмаганлар. Барча Янги Аҳд муаллифларининг илоҳиётга оид мулоҳазалари бизга, меҳмондўстлик кўрсатиш — масиҳийлик севгисининг аниқ ифодаланишидир, деб бу ҳақда аниқ гапирадилар[18]. Шубҳасиз, Янги Аҳднинг меҳмондўстлик кўрсатиш ҳақидаги барча асосий даъватлари биродарлик меҳр-муҳаббати тўғрисидаги мулоҳазаларда намоён бўлади: • Ибронийларга Мактубнинг 13-боби қуйидагича бошланади: «Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар». Шу сўзлардан кейиноқ Мактуб муаллифи ўқувчиларни меҳмондўстликни унутмасликка даъват қилади (қаранг: Ибр. 13:1-2). • Бутрус ўз ўқувчиларидан шуни қаттиқ илтимос қилиб сўрайди: «Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади». Сўнг Бутруснинг айтган сўзлари қуйидагичадир: «Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар» (1 Бут. 4:8–9). • Меҳмондўстлик кўрсатиш ҳақида Павлуснинг даъвати биродарлик севгиси ва имонлиларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳақидаги мулоҳазаларга оид матнда жойлашган (қаранг: Рим. 12:13). • Саёҳат қилиб юрган нотаниш биродарларга Гайнинг сидқидилдан қилган илтифоти жамоат олдидаги «унинг севгиси»дан гувоҳлик беради (қаранг: 3 Юҳ. 5–8). Замонавий жамоатдаги меҳмондўстлик Менимча, бугунги кунда меҳмондўстлик, севги оловини қўллаб-қувватлаш масиҳийлик жамоатларининг мустаҳкамланиши учун қанчалар муҳим эканлигини кўплаб масиҳийлар тушунмайдилар. Меҳмонларга илтифот бизнинг севгимизни озиқлантиради ва алоҳида фидокорлик намунасини беради. Меҳмондўстлик кўрсатиб, биз одамларга ўзимиз учун энг муҳим бўлган нарсаларни улашамиз. Биз ўз вақтимизни сарфлаймиз, уларга уйимиздан жой, овқат берамиз, харажат қиламиз. Аслида биз уларга ўз ҳаётимизнинг бир қисмини берамиз. Шундай қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиш ҳамиша биздан ниманидир талаб қилади ва одатда у жуда қимматга тушади. Меҳмондўстлик кўрсатиб, биз одамларга инсон тасаввур қила оладиган даражада меҳр ва ғамхўрлик кўрсатамиз, иззат-эътибор билан қараймиз. Биз меҳмонларга дўстлик ва севгини ҳадя қиламиз, уларга хордиқ чиқариб, дам олиш имконини берамиз. Биз бир-биримиз учун ўз уйимиз эшикларини очмас эканмиз, маҳаллий жамоат ҳақида айтилган бир-бирини севувчи биродарлар ва сингилларнинг иноқ оиласи тўғрисидаги тасаввур фақат назария бўлиб қолаверади. Совуқ, нохайрихоҳ жамоат Хушхабар ғояларига қаршилик қилади. Шунга карамасдан, хайрихоҳликнинг йўқлиги бугунги кунда маҳаллий жамоатларни бегона кузатувчилар томонидан танқид қилинишининг асосий сабабига айланмоқда[19]. Одамлар у ёки бу жамоатда фақат жамоатхонадан чиққандай ёки унинг ёнида жойлашган автобус бекатидаёқ тугайдиган «жамоат» севгиси мавжудлигини тушуниб олишлари учун кўп вақт талаб қилинмайди. Бу ўша сунъий, «якшанба кунлари»гина бўладиган севгидир. У жамоат эшикларидан ташқарига чиқишни истамайди. Биродарлик севгиси эса одамлар ўртасида яқин муносабатларнинг ўрнатилишига олиб келади. Улар бир-бирларига ғамхўрлик қила бошлайдилар, бир-бирларининг муаммолари билан қизиқишга уринадилар. Уларда бирдамлик туйғуси пайдо бўлади, улар битта ҳаёт билан яшаётганликларини англаб етадилар. Биз агар фақат жамоатдаги бир ҳафтада бир марта бўлиб ўтадиган бир ярим соатлик якшанба кундаги хизматдагина учрашадиган бўлсак, бир-биримизни чуқурроқ била олмаймиз. Илиқ муносабатлар ўрнатилиши ва руҳий яқинлик пайдо бўлиши учун энг яхши жой — бу бизнинг уйимиздир. Жуда кўп ҳолларда биз то кимникидадир дастурхон атрофида ёки ўтириб хотиржам суҳбатлашмагунимизча, бир-биримиз ҳақимизда умуман ҳеч нарса билмаймиз. Менинг дўстим меҳнат таътили пайтида саёҳат қилиб юриб Мэн штатидаги бир ресторан деворида безак учун ёзилган қандайдир ёзувни кўрибди. Бу ёзув, менимча, юқорида айтиб ўтилган фикрни жуда яхши ифодалайди. Ёзувда шундай жумлалар битилганди: «Айнан дастурхон атрофида дўстлар ўзаро муносабатларининг бутун илиқлигини жуда яхши англаб етадилар». Бу тўғри. Шунинг учун биродарлик севгиси ҳақида гапирганимизда, биз меҳмондўстлик ҳақида ҳам гапиришга мажбурмиз. Сизга жамоатда ишончли ва яқин муносабатларнинг ўрнатилишида ва севгини ифодалашда меҳмондўстлик қандай муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиш учун «Лос-Анджелес Таймс» газетасининг мухбири ўтказган тажриба ҳақида сўзлаб беришга рухсат этинг. Бу мухбир атайлаб турли масиҳийлик жамоатларига борган. Унинг мақсади у ердаги муҳитнинг қанчалар илиқ, дўстона эканлигини аниқлаш эди. У ўз таассуротларини баҳолаш учун қуйидаги шкалани тузди. «Эшик олдида кутиб олишга — 2 очко. Қавмбоши ёзган стандарт саломлашиш хати учун — 3 очко. Ибодатдан сўнг бир пиёла чой ичишни ташкил қилиш учун — 5 очко. Тушликка алоҳида таклиф қилиш учун — 60 очкога яқин. Танишув учун дўстона суҳбатнинг ўрнатилишига — 10 очко»[20]. Бу шкала меҳмондўстлик кўрсатилиши ва севгининг ўзаро қандай яқин алоқада эканликларини кўрсатади. Мен кўпинча одамларнинг норозилик билан: «Эҳ, биз бу ерда ҳеч кимни билмаймиз; биз жамоатда дўстлар топа олмаяпмиз» деган гапларини эшитаман. Мен бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлигини биламан. Ўзлари қатнайдиган жамоатларда ўзларини бегонадай ҳис қиладиган эр-хотинларда бир фикр пайдо бўлибди: айнан шундай ҳолларда кўп одамлар каби жамоатни ташлаб кетиш ўрнига, бу оила навбат билан барча жамоат аъзоларини уйларига тушликка таклиф қила бошлабди. Йил охирида улар жамоатнинг барча аъзоларини яхшилаб таниб олибдилар, уларнинг баъзилари билан эса ораларида мустаҳкам дўстлик ришталари пайдо бўлибди! Меҳмондўстлик кўрсатиш учун дастлабки қадам Эҳтимол, сиз ҳам худди бошқа масиҳийлар каби Худо учун нима қила олишингизни ёки руҳий истеъдодларингиздан қандай қилиб яхшироқ фойдаланиш мумкинлигини билишни хоҳларсиз. Мана эшитинг: уйингиз — сиз ўз хизматингизни бошлай олишингиз мумкин бўлган энг яхши жойдир. Сиз уйингизга одамларни ибодат қилиш учун ёки Худо ҳақида суҳбатлашиш учун чақиришингиз мумкин. Сиз бу билан жамоатингиз аъзоларига бир-бирларини яхшироқ билиб олишларига ёрдам берасиз. Сиз оиласида жиддий муаммолари бўлган одамларга бошпана беришингиз мумкин. Сиз ўқитувчиларни ва ёшлар етакчиларини уйингизга таклиф қилиб, шу тарзда уларга ўз миннатдорчилигингизни билдиришингиз мумкин. Сизнинг уйингиз ётоқхонада яшайдиган талабалар учун ёки, эҳтимол, хонадон таомини ҳафталаб ёки ойлаб емайдиган аскарлар учун уй бўлиши мумкин. Жуда кўп одамлар сизнинг илтифотингизга муҳтождирлар. Бу кўпинча мулоқот етишмаслигидан азоб чекадиган ёлғиз бевалар, қариялар, ногиронлар бўлиши мумкин. Бу одамларнинг баъзиларида на оилалари, на дўст-ёрлари бор. Сиз уларни ўз дастурхонингиз атрофига таклиф қилиб, Масиҳ севгисини уларга намоён қиласиз. Руҳий муаммоларга учраган одамлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан чўчимайдиган ёки нафратланмайдиган одамлар ҳам борлигини улар билишлари шарт. Сизнинг уйингиз бундай руҳан заифлар учун бошпана ва руҳий шифо маскани бўлиши мумкин. Айниқса, яқиндагина имон келтирган масиҳийлар сизнинг севгингизга, панд-насиҳатингизга ва диққат-эътиборингизга зордирлар. Шундай ёрдамни сиз уларга ўз уйингизда кўрсатишингиз мақсадга мувофиқ ишдир. Мен ҳеч қачон дастурхон атрофида етук масиҳийлар билан Худо ҳақида суҳбатлашиб ўтказган вақтимни унутмайман. Хизмат пайтида қанча кўп нарса билсам, эрталабки якшанба ибодатидан кейин ўша дастурхонлар атрофида ҳам шунча нарса билиб олардим. Ўз уйингизда норасмий муҳитда сиз одамларга Худо ҳақиқатини жамоат воизидан кўра самаралироқ етказишингиз мумкин. Мартин Лютер дастурхон атрофи Худо халқини Худо ҳақиқатига ўргатиш ва уларни тўғри йўлга солиш учун жуда яхши минбар эканлигини исботлаб берган. Лютер ва унинг рафиқаси Катининг меҳмондўстликлари ҳақида афсоналар юради. Бир тарихчи уларнинг уйи тўғрисида шундай деб ёзади: «Бу буюк уй ҳамиша завқум косадай тўла ва фаровон эди»[21]. Лютернинг ўқувчилари ва меҳмонлари томонидан ёзиб олинган «Дастурхон атрофидаги суҳбатлар» — янги эътиқод қилганларнинг таълим олишларида ва уларни тўғри йўлга бошлашда меҳмондўстлик қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканлигига ажойиб далилдир. Агар сиз янги имонга келганлар ўз эътиқодларида ўсишларини истасангиз, улар учун ўз уйларингиз эшикларини очинг, уларга ўз севгингиз ва билимларингизни улашинг. Сизнинг уйингиз — ўзаро севгига тўла масиҳийлик жамиятини қуриш ишидаги энг яхши асбобдир. Агар сиз ва сиз билган бошқа одамлар доимо уйларингиз эшикларини бир-бирларингиз учун очсаларингиз, сизнинг маҳаллий жамоатингиз янада дўстона ва самимий бўлиши мумкин. 3-боб. Меҳмондўстлик: Хушхабарни тарғиб қилиш учун старт майдончасидир Улар ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар. Ҳавор. 5:42 …Чунки улар мажусийлардан ҳеч ёрдам қабул қилмасдан, Исо Масиҳ номи билан йўлга тушган эдилар. Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қўлтиқлаш бизнинг бурчимиздир. 3 Юҳ. 7–8 Энг бошидан бошлаб масиҳийлик миссионерлик ҳаракати бўлган. Осмонга кўтарилишдан олдин Исо Ўз издошларининг кичик бир гуруҳига топшириқ берибди: «Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар…» (Мат. 28:19, яна қаранг: Лк. 24:46–48). Ўқувчилар бу топшириқни ғайриоддий бир ғайрат билан бажаришди. Илк масиҳийларнинг миссионерлик руҳини тасвирлаб, Риджент-коллеж профессори Майкл Грин шундай деб ёзади: Илк масиҳийлар Хушхабарни тарғиб қилган вақтларидаги ғайрат эътиқод тарихидаги энг машҳур ҳодисалардан биридир. Турли ёшдаги ва ҳар хил ижтимоий ҳолатдаги, дунёнинг ўша пайтда маълум барча мамлакатларидан бўлган эркаклар ва аёллар олам сирларини ечганларига ишонар эдилар. Шунингдек, улар ўзлари билган ягона ҳақиқий Худога ҳам шундай ишонардиларки, уларга бу қувончли хабарни бошқаларга улашишларига ҳеч нарса халақит бера олмасди[22]. Масиҳийликнинг тарқалишида меҳмондўстлик асосий роль ўйнайди. Чунки биринчидан, масиҳийлар уйи табиий сабабларга кўра, улар Хушхабарни тарғиб қила оладиган жой эди. Иккинчидан эса, меҳмондўст уй эгалари дунё кезиб юрган тарғиботчиларга ва ўқитувчиларга жуда катта ёрдам кўрсатишарди. Уй — воизлар учун маёқ кабидир I асрда масиҳийлар ибодатхоналарни ва махсус ўқитишга қодир дин хизматчилари етишмаслигини инобатга олиб, имонлиларнинг йиғинларини ўзларининг уйларида ташкил қилганлар. Майкл Грин ўзининг машҳур «Evangelism in the Eartly Church» номли китобида шундай деб ёзади: «Антик даврларда хусусий уйлар Хушхабарни тарқатиш учун жуда муҳим марказлар бўлган»[23]. Акил ва Прискилланинг уйи ҳақида гапириб, Грин гапида шундай давом этади: «Бундай уйлар, шубҳасиз, Жамоатга катта фойда келтирганлар»[24]. Хонаки жамоат ҳаракатининг фаоллари — Австралиялик машҳур эр-хотин Роберт ва Джулия Банкслар Майкл Гриннинг гапларини қувватлаб, шундай дейдилар: «Рим ҳоқонлигини мағлуб қилган масиҳийлик, аслида, оддий одамларнинг уйларида бошланган ҳаракат эканлигини жуда кўп ҳолларда унутиб қўйишади»[25]. Ҳақиқатдан ҳам, илк масиҳийлар ўзларининг жуда кўп йиғилишларини (агар ҳаммаси бўлмаса) ўз уйларида ўтказганлар. Шунинг учун жамоатнинг баъзи бир аъзолари жамоат йиғинларини ўтказишга имкон бериш ниятида ўз уйларининг эшикларини очишлари керак эди. Шундай қилиб, хусусий уйлар эзгу хабар ва Муқаддас Китобни ўрганиш марказларига айландилар. Луқо шундай деб таъкидлаган: «Улар ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар» (Ҳавор. 5:42). Павлус ҳам масиҳийларнинг хусусий уйлари Худо Каломини тарғиб қилиш марказлари бўлиши мумкин деб ҳисоблаган. Павлус Эфес жамоати оқсоқолларига мурожаат қилиб шундай дейди: «Фойдали бўлган ҳеч бир нарсадан сизларни маҳрум қилмайин, деб кўчама-кўча, уйма-уй юриб таълим бериш фурсатини бекор ўтказмадим» (Ҳавор. 20:20, яна қаранг: Ҳавор. 28:23). Мажусийлардан келиб чиққан илк масиҳийлар қандайдир ибодатхоналарда ёки жамоатларда масиҳийликка эътиқод келтирмаганлар. Улар Корнилийнинг уйида масиҳийликка имон келтирганлар. Муқаддас Китобнинг гувоҳлик беришича, Корнилий «ўз қариндошлари ва яқин дўстларини бир жойга тўплаб», Бутрусни ўз уйига таклиф қилди. Унинг уйида Бутрус тирилиш ҳақидаги хушхабарни сўзлаб берди (қаранг: Ҳавор. 10:24). Шунда Корнилий, унинг қариндош-уруғлари ва дўстлари Масиҳни қабул қилишди. Худди шу каби, Масиҳнинг изидан бориш учун ишларидан воз кечган Матто ҳам ўз уйидан Хушхабарни тарғиб қилиш учун фойдаланди: «Сўнгра Левий (Матто) ўз уйида Исо шарафига катта зиёфат берди. Улар билан бирга еб-ичиб ўтирганлар орасида оддий халқдан талай киши ва кўпгина солиқчилар бор эди» (Лк. 5:29). Биз Маттодан ва Корнилийдан ўрнак олишимиз керак. Дўстларимизни ва қўни-қўшниларимизни ўз уйимизга Масиҳ ҳақида сўзлаб беришимиз учун таклиф қилишимиз лозим. Албатта, Исо Масиҳ одамларга Эзгу хабарни қай тарзда илтифот кўрсатиб етказишнинг ёрқин намунасини кўрсатади. Гуноҳкорларнинг Халоскори Масиҳ жамиятда ҳурматга нолойиқ деб ҳисобланган одамлар ва солиқчию гуноҳкорлар таклифларини мамнуният билан қабул қиларди (қаранг: Мк. 2:16; Лк. 15:1–2; 19:1–10). Ҳолбуки, ўша пайтда диний раҳнамолар бундай одамлар уйларини ифлос қилмасликлари учун уларни ўз уйларига қўймасдилар. Илк масиҳийлар учун уларнинг хонадонлари Хушхабарни қариндошларга, қўшниларга ва дўстларга тарғиб қилиш учун энг яхши жой эди. Ана шу нарса бугунги кунда ҳам долзарбдир. Агар сиз ёки сизнинг маҳаллий жамоатингиз одамларга Хушхабарни етказиш йўлларини қидирсаларингиз, сиз ўз уйингизнинг эшикларини улар учун очиб бунга эришасиз. Аммо кўпчилик ҳозирги кунда меҳмондўст эмас. Минг афсуски, кўпчилигимиз ҳатто ўз қўшниларимизни танимаймиз ҳам. Меҳмондўстлик кўрсатиб, биз ўз қўшниларимиз билан дўстлашишимиз ва руҳий зулмат ҳукмронлик қилган соҳаларда улар учун маёқ бўлишимиз мумкин. Тушлик дастурхони устида Хушхабарни тарғиб қилиш учун ажойиб муҳит яралади. Раббимиз дастурхон устидаги суҳбатларда Ўзи билан бирга овқатланаётганларни руҳий саволлар орқали баҳсга чорлайди ва уларнинг ҳаётларини тамомила ўзгартириш учун имкон яратади (қаранг: Лк. 7:36–50; 11:37–54; 14:1–24). Ўз-ўзидан Хушхабар Худо Шоҳлигида мангуликка тенг бўлган тўкин зиёфатга мурувват билан қилинган таклифдир (қаранг: Лк. 14:16–24; Юҳ. 14:2–3). Муқаддас Китобни ўрганиш борасидаги хонаки машғулотлар ҳам жуда фойдалидир. Чунки бундай машғулотларда муҳит илиқ, хотиржам ва дўстона бўлади. Бунинг устига, бундай учрашувларда Муқаддас Ёзувнинг қўшимча муҳокамаларини ташкил қилиш якшанба кунги жамоатдагидан кўра осонроқдир. Агар биз кўзларимизни каттароқ очганимизда эди, жуда кўп нарсаларни кўрган бўлардик. Жумладан, бизда Хушхабарни қўшниларимизга ва дўстларимизга тарғиб қилиш учун уйларимиздан фойдаланишнинг жуда кўп имкониятлари борлигини кўрардик. Раббий уйда ҳукм сураётган меҳр-муҳаббат ва илиқлик муҳитидан фойдаланиб, буюк ишларни амалга оширишдан хурсанд. Масалан, «Навигаторлар» ҳаракатининг асосчиси Доусон Тротман ўз уйида жуда кўп денгизчиларни Масиҳга олиб келди. У бир неча йил давомида денгизчиларга меҳмондўстлик кўрсатгандан сўнг, у ишонч билан унинг меҳмонхонасида АҚШнинг барча штатларидан бўлган денгизчилар Масиҳга эътиқод қўйганларини айта оларди. Джим Петерсон ўзининг «Evangelism as a Lifestyle» китобида бразилиялик Марионинг қизиқ тарихини ҳикоя қилади. У Марио билан тўрт йил давомида Муқаддас Китобни ўрганади. Шундан кейин Марио Масиҳга эътиқод қила бошлайди. Марио марксизмга асосланган ақл-идрок эгаси (интеллектуал) ва фаол сиёсатчи эди. Яъни у Масиҳга имон келтиришига ишониб бўлмасди. Масиҳга эътиқод қилганидан сўнг орадан бир неча йил ўтиб, Марио Джимдан: «Сиз, масиҳий бўламан, деган қарорга келишингизга нима таъсир қилди?» деб сўради. Джим: «Бунга сабаб — илоҳиёт масаласи бўйича кўплаб ўтказилган баҳслар, узоқ соатлар давомидаги суҳбатлар бўлиши мумкин», деган тахминни айтди. Аммо Марио шундай жавоб қилди: Мен сизникида меҳмон бўлган ўша кунни эслайсизми? Биз сиз билан қаергадир кетаётган эдик. Йўл-йўлакай сизникига тушлик қилиш учун кирдик. Шунда дастурхон атрофида ўтириб сизни, рафиқангизни ва болаларингизни кузатдим. Сўнг ўзимга ўзим шундай савол бердим: «Мен севган ва турмуш қурадиган қиз билан ўртамизда қачон шундай муносабатлар ўрнатилади?» Ушбу саволга жавоб — «ҳеч қачон» эканлигини англаганимда, мен нажот топишим учун масиҳий бўлишим керак, деган қатъий хулосага келдим[26]. Имонга келмаганларни биз уйимизга таклиф қиламиз ва шу тарзда уларга меҳр-муҳаббат, ҳурмат кўрсатиб, уларни Масиҳга етаклаб олиб келамиз. Петерсен, шунингдек, мусулмонларга Хушхабарни етказган «Вефиль» коллежининг профессори Боб Смитнинг ваъзидан парча келтиради: «Биласизми, Хушхабар етказишнинг 90% — бу севгидир»[27]. Ўз хонадонига таклиф қилиш — одамларга Масиҳ севгисини етказишнинг энг таъсирчан усулларидан биридир! Масиҳ ишига ўз ҳиссамизни самаралироқ қўшиш учун биз меҳмондўстлик тўғрисидаги ўз тасаввуримизни кенгайтиришимиз лозим. Биз меҳмондўстлик тўғрисида гапирганимизда кўпинча уйимизга дўстларимизни ва қариндошларимизни меҳмонга чақиришни назарда тутамиз. Шу одамлар бизга яқин бўлганлари сабабли уларни ўз уйимизда кўришга бўлган истагимиз мутлақо табиийдир. Раббий бу муносабатларнинг биз учун аҳамиятини тушунади. Аммо Исо, шунингдек, бизнинг эътиборимизга муҳтож бўлган бегона одамларга ҳам илтифотли бўлишимизни бизга амр қилган: …Тушки ёки кечки зиёфат қилганингда, дўст, ака-ука, қариндош-уруғ ва бой қўшниларингнигина чақириб турма. Чунки улар ҳам сени чақириб, қаримта қилишига тўғри келади. Аксинча, зиёфат берганингда, қашшоқ, майиб, шол ва кўрларни чақир. Шунда сен бахтлисан. Чунки улар сенга қаримтасини қайтара олмаса-да, лекин қиёматда солиҳлар тирилганда сен бунинг қаримтасини кўрасан. Лк. 14:12–14 Дўстлар ва қариндошлар билан бирга овқатланишнинг ҳеч ҳам ёмон жойи йўқ[28]. Бундай учрашувлар оилавий муносабатларни ҳамда дўстликни сақлаш учун жуда муҳимдир. Исо Масиҳ яқин дўстлари ва Ўзига азиз бўлган одамлар даврасида тушлик қилишни яхши кўрган. Масалан, У Марямнинг, Марфанинг ва Лазарнинг уйини жуда яхши кўрган (қаранг: Лк. 10:38–42). Аммо Исонинг жамиятда ҳеч кимга таниш бўлмаган, даҳрий ва номаълум одамлар билан учрашувлари ва улар билан бирга тушлик қилганлари жуда машҳур бўлган (қаранг: Лк. 19:1–10). Луқо Хушхабарининг 14-бобида ҳам Раббий Ўз шогирдларини, ҳеч ким қабул қилишни хоҳламайдиган одамларни қабул қилинглар, деб даъват қилиб шундай дейди: «Ўз уйларингизнинг эшикларини ҳамма ўзини олиб қочадиганлар, ҳеч ким уйига таклиф қилмайдиганлар ва ёлғизлар учун очинглар». Шундай экан, масиҳийлик меҳмондўстлиги ҳам ўз хусусиятларига эга. Чунки масиҳийлар муҳтожларга ва таҳқирланганларга меҳмондўстдирлар. Жуда кўп одамлар учун меҳмондўстлик кўрсатиш — бу жамиятда ўз мақсадларига эришишнинг бир усулидир. Баъзида меҳмонларнинг вақтини чоғ қилиш учун меҳмондўстлик қилишади. Масиҳийлик меҳмондўстлиги эса — бу итоаткорона фидойилик билан қилинадиган хизматдир. Биз уйимизга бадавлат, мулоқотда ёқимли одамларни чақириш истагимиз табиийдир. Аммо Исо зиёфатга қашшоқ, майиб, кўрларни, қаримтасини қайтара олмайдиганларни чақириш кераклигини айтади. Қизиқ, Луқо Хушхабарининг 14-бобида Раббий ўргатаётган нарсаларни биз ҳақиқатдан ҳам тушунамизми? Марҳум Фрэнсис Шеффер ва унинг рафиқаси Эдит буни жуда яхши тушунар эдилар. Улар ўз уйларининг эшикларини («Лямбри» жамоатидан) Раббий уларникига кимни юборишни маъқул кўрган бўлса, ўшалар учун очишди[29]. Улар гиёҳвандларга ва руҳий хаста одамларга меҳрибонлик кўрсатдилар. Шунингдек, бу оила руҳий бошқарувга муҳтож одамларга ҳам ўз уйларидан жой бердилар. Ўз уйларида ва жамоатларида бу икки мўмин дунёнинг турли мамлакатларидан ва турлича ижтимоий қатламлардан бўлган одамларга хизмат қилдилар. Сизга қўшни бўлиб яшайдиган ёлғиз одамлар ўзларига Масиҳ меҳр-муҳаббатини намоён қилишлари учун муҳтожлик сезадилар. Атрофимизда жуда кўп турмушга чиқмаган аёллар, оилавий илиқликни соғинган бўйдоқ эркаклар; ҳар куни ёлғизликда тушлик қиладиган бевалар; мулоқотда унча ёқимли бўлмаган, аммо барибир Хушхабарни етказиш зарур бўлган одамлар; бошпанага зор бўлган қочоқлар бор. Ана шундай одамларга илтифот кўрсатиб, сиз уларнинг Масиҳ севгиси ҳақида билиб олишларига ёрдам беришингиз мумкин. Сиз ўз уйингизда бор бўлган ва одамларга Масиҳ севгисини намоён қилишда, уларни Қутқарувчига олиб келишда фойда берадиган имкониятларни кўряпсизми? Сиз одамларга меҳмондўстлик кўрсатиб хизмат қилишингиз учун профессионал ваъзхон ёки илоҳиётчи бўлишингиз шарт эмас. Агар сиз уйингиз эшикларини очсангиз, одамлар албатта сизникига келадилар. Уильям Барклайнинг сўзлари билан айтганда, «масиҳийлик очиқ эшиклар жамоати бўлган ва шундай бўлиб қолиши керак»[30]. Уй дунё бўйлаб хушхабарни тарқатувчи шогирдлар ва устозлар учун бошпана сифатида Бутун Рим хоқонлиги ҳудудидаги жамоатларга тарқалган жаҳонгашта шогирдлар ва Хушхабарни тарқатувчиларнинг тақдирлари меҳмондўст масиҳийларга боғлиқ эди. Улар бундай кишиларга бошпана, озиқ-овқат берардилар, улар бир жойдан иккинчи жойга кўчганларида, чиқимларини масиҳийлар кўтарар эдилар. Бу фикрнинг аҳамиятини англаш учун биз икки нарсани тушунишимиз керак. Биринчидан, масиҳийлик жамоатлари уларни эътиқод учун курашга илҳомлантирувчи бошқа жойлардан келган шогирдларга муҳтождирлар (қаранг: Ҳавор. 18:27–28). Бундан ташқари, Хушхабарнинг кейинги тарқалиши янги имонга келган одамлар орасида ўзларининг шинам уйларини ташлаб чиқиб, барча халқларга Каломни етказиш учун саёҳатга жўнашга тайёр одамлар бор ёки йўқлигига боғлиқдир. Бу илк масиҳий раҳнамолар ва Хушхабар тарғиботчилари молиявий аҳволи яхши бўлган саёҳатчилар эмас эдилар. Улар бемалол меҳмонхоналарда яшаб, ўзларининг озиқ-овқатлари ва бошпаналари учун мунтазам равишда пул тўлай олмас эдилар. Шунинг учун ҳам улар масиҳийларнинг сахий меҳмондўстликларига таянардилар. Иккинчидан, саёҳатчи-масиҳийлар бошпана топишлари мумкин бўлган уйлар ҳақиқатда унчалик кўп эмас эди. Яхши маълумки, меҳмонхоналар гуноҳ уяси деб ҳисобланарди[31]. Саёҳат қилиб юрувчи воизларнинг алоҳида муҳтожликларини яхши билган Исо, улар Худонинг элчилари Хушхабарни етиб борадиган одамлардан илтифотли муносабатни кутишга ҳақлидирлар, дейди (қаранг: Мат. 10:9–11; Лк. 10:7–8). Бунинг устига, Худо элчисини қабул қилмаслик — Худонинг Ўзини рад қилиш маъносини англатади (қаранг: Лк. 10:10–16). Шунинг учун ҳаворийлар ўз саёҳатлари давомида муҳтожликлари ва чиқимлар борасидаги саволларда бошқа масиҳийларга ишонишлари табиийдир. Бизга ибрат сифатида ана шундай баъзи меҳмондўст масиҳийларнинг ҳаракатлари Худо руҳи билан суғорилган Янги Аҳд саҳифаларида акс этган. Мана, масиҳийлик меҳмондўстлигининг баъзи ажойиб намуналари: Симон кўнчи Луқонинг ёзишича, «Бутрус анча вақт Яффада Симон исмли бир кўнчининг уйида турди» (Ҳавор. 9:43). Бутрус Яффада Хушхабарни тарқатаётганда ва масиҳийларни ўқитаётганда, Симоннинг уйи вақтинча Бутруснинг ҳам уйи бўлди (қаранг: Ҳавор. 9:35–10:23). Ўзининг ажойиб меҳмондўстлиги туфайли Симон Хушхабарни ёйишда Бутруснинг «ёрдамчиси» бўлди (қаранг: 3 Юҳ. 8). Симон ўзи сезмаган ҳолда «Фаришталарга меҳмондўстлик кўрсатган» одам намунаси бўлиб хизмат қилди (қаранг: Ибр. 13:2). У ўз уйида Бутрусни — Раббий ҳаворийсини ва мажусийлардан чиққан илк масиҳий Корнилийнинг учта элчисини қабул қилиш шарафига муяссар бўлди (қаранг: Ҳавор. 10:21–23). Лидия Лидия мамнунлик билан ва ҳеч қандай норозиликларсиз меҳмондўстлик кўрсатган (қаранг: 12:13, 1 Бут. 4:9). Лидия Павлус тарғиботлари остида масиҳий бўлгандан сўнг, Луқо шундай деб ёзади: «Лидия ўзининг уй аҳли билан бирга сувда имон келтиргандан сўнг, бизни меҳмон қилмоқчи бўлди. «Агар сизлар мени Раббимиз Исога имон келтирган деб ҳисобласангизлар, уйимга кириб ўтиринглар», — деб бизни кўндирди» (Ҳавор. 16:15). Лидия Худонинг бу хизматкорларига ўзининг қанчалик қимматли ёрдам бера олишини тушунарди. Лидия уларни тирикчилик билан боғлиқ бўлган ташвишлардан халос қилди, шунинг учун улар Худога хизмат қилишга анча кўп вақтларини бағишлай олдилар. Шунингдек, у астойдил бу сўққабошларнинг ҳаётини вақтинча бўлса-да, бирмунча енгиллаштирди. Гарчанд Лидиянинг иши жуда кўп бўлса ҳам (у мато сотарди), бугунги кунда кўпчилигимиз айтишимиз мумкин бўлган: «Бугун мен меҳмон қабул қила олмайман, чунки жуда бандман. Уларнинг ташвишларини бошқа биров қилсин» деган сўзларни айтмади. Хушхабар Лидиянинг қалбига таъсир қилди ва у ҳақиқат Каломини тарқатишда «қўллаб-қувватловчи» бўлишни истади. Меҳмондўстлик орқали у ўзига нажотни ҳадя қилган Ўша Худога миннатдорчилик билдирди ва ўз Севгисини ифодалади. Агар биз Раббийга хизмат қилиш, Унинг хизматкорларига ғамхўрлик кўрсатиш учун жуда банд бўлсак, демак, унда бизнинг руҳий қадриятларимиз тизимида нимадир яхши эмас. Филимўн Колосса шаҳридан бўлган масиҳий Филимўн, илтифотлилиги ва барча ҳаворийларга ўз уйи эшикларини очишга тайёрлиги билан машҳур эди. Шунинг учун Римда қамоқда ётган жойида Павлус Филимўнга шундай деб мактуб ёзишга журъат қилди: «…менга бир турар жой ҳам тайёрла; чунки Худо ибодатларингизни эшитиб, мени яна сизларнинг олдингизга қайтаришига умид қиламан» (Флм. 22). Бу сатрлар бизга ажойиб севги ва жуда ишончли муносабатлар ҳақида дарак беради. Павлус Филимўнни илтифотли хўжайин ва Масиҳдаги севимли биродар сифатида билгани учун, у Филимўнга, сенинг уйингга борай, деб ундан илтимос қила оларди. Сизга-чи? Сизга Павлус шундай илтимос билан мурожаат қила олармиди? Икки Гай Янги Аҳддаги энг меҳмоннавоз одам — бу Гайдир. Аслида Янги Аҳдда ўзларининг меҳмонларга илтифотлари билан машҳур бўлган Гай исмли иккита одам ҳақида ҳикоя қилинади. Павлус қувонч билан Коринфлик Гайни ўзининг ва бутун Коринф жамоатининг дўсти деб атайди: «Менинг ва бутун имонлилар жамоатининг меҳмоннавози бўлган Гай ҳам сизларга салом айтяпти» (Рим. 16:23). Балки Гайнинг бутун жамоат сиғадиган уйи бўлгандир. Бугунги кунда бу оятнинг маъноси ҳақида фикр юритиб, шундай хулосага келиш мумкин: агар Худо бизга уй ва молиявий имкониятлар ҳадя қилса, биз бу нарсалардан Унга ва Унинг одамларига хизмат қилиш учун фойдаланишга мажбурмиз. Юҳаннонинг Учинчи Мактуби Гай исмли бошқа одамга ёзилган. Бу ерда Юҳанно ўзининг ваъз қилиб юрувчи тарғиботчиларига нисбатан намунали меҳмондўстлиги учун Гайни мақтайди: Маҳбубим, сен бегона биродарларимизга сидқидилдан хизмат қилиб юрибсан. Улар имонлилар жамоати олдидан сенинг меҳрибончилигингни кўкка кўтаришди. Сен уларни Худога муносиб тарзда йўлга отлантирсанг, яхши иш қилган бўласан. Чунки улар мажусийлардан ҳеч ёрдам қабул қилмасдан, Исо Масиҳ номи учун йўлга тушган эдилар. Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиб, бундай одамларни қўллаб-қувватлаш бизнинг бурчимиздир. 3 Юҳ. 5–8 Гай, балки Юҳанно жамоатидан бўлган масиҳий воизларга, «бегона» биродарларимизга (5-оят) қараганда ҳам кўпроқ меҳмондўстлик қилган. Ўз жамоатларига қайтгач, бу мусофир воизлар Гай ва унинг мардлиги ҳақида мақтовли фикрларини билдирганлар. Юҳанно ўзининг Учинчи Мактубида Гайга бу воизлар унинг меҳмондўстлиги ҳақида қанчалар илиқ сўзлар айтганлари ҳақида хабар беради: «Биродарларимиздан бир нечтаси келиб, сенинг ҳақиқатга содиқ қолганинг ва сенинг севгинг тўғрисида гувоҳлик беришди». Юҳанно Гайнинг меҳмондўстлиги ҳақида худди «унинг севгиси» ҳақида фикр юритгандай гапиради. Гайнинг меҳмондўстлиги Худога, ҳақиқатга ва Масиҳдаги биродарларига нисбатан бўлган севги билан озиқланган. Гайнинг меҳмондўстлиги ҳақида сўз кетганда, Лондондаги Вестминстер ибодатхонасининг воизи Джон Генри Джоуэтт шундай деб ёзади: «Ҳақиқий севги — бу чарчаган ва оёқлари толган жаҳонгашталарни илтифот билан қабул қилган ажойиб хўжайин, асл Гайдир»[32]. Гайнинг Худо хизматчиларига илгариги кўрсатган меҳмондўстлигини мақтаб, ҳозирда, яъни айни пайтда Гайникида бўлган одамларга яна илтифот кўрсатишини ҳаворий ундан илтимос қилади: «Сен уларни Худога муносиб тарзда йўлга отлантирсанг, яхши иш қилган бўласан» (3 Юҳ. 6). «Йўлга отлантирсанг» сўзлари оддий қўлни сиқиб хайрлашишга қараганда кучлироқ маънога эгадир. «Йўлга отлантирсанг» дегани — бу кезиб юрувчи воизларни уларнинг саёҳатлари учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлаш демакдир[33]. Бундан ташқари, Гай кезиб юрувчи биродарлари билан «Худога муносиб тарзда», яъни уларга нисбатан «сахий ва эътиборли» бўлиши керак эди. Зеро бундай хусусиятлар Худонинг Ўзига хосдир ва У бизни ҳам шундай кўришни хоҳлайди. Худо одамларнинг эҳтиёжларига бахил ва бефарқ эмас. Шунинг учун биз ҳам Унинг хизматчилари ҳақида ғамхўрлик қилаётганда, сахий ва эътиборли бўлмоғимиз даркор. Бугун саёҳат қилиб юрган воизларга ва Хушхабарни тарқатувчиларга масиҳийча меҳмондўстлик кўрсатиш — уларга бошпана, озиқ-овқат ва молиявий ёрдам беришни англатади. Масиҳий меҳмондўстлик учун масъулият ва мукофот Гай Хушхабар тарқатиб юрувчи воизларга ёрдам бериши учун сабабга эътибор қилинг: «…Чунки улар мажусийлардан ҳеч ёрдам қабул қилмасдан, Исо Масиҳ номи учун йўлга тушган эдилар. Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қувватлаш бизнинг бурчимиздир» (3 Юҳ. 7–8). Бу одамлар ўз фойдаларини кўзлаб жаҳонгашталик қилмаяптилар ёки улар кимникигадир меҳмонга бормаяптилар. Улар Масиҳ иши учун меҳнат қилганлар. Улар даҳрийлар ёрдамидан воз кечганлар ва барча нарсада фақат Раббийга суянганлар. Улар «садақа сўровчи» бўлмаганлар. Шунинг учун Худо бандалари Худонинг элчиларини қўллаб-қувватлашлари керак эди (У бугун ҳам шундай қилиши керак). Эҳтимол, дунё кезувчи воизлар жамоатларда ўқитиш ва у ердаги турли муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш учун у ерга ташриф буюргандирлар (бундай одамлар борлиги учун Худога ҳамду санолар бўлсин!) Эҳтимол, улар жиддий муаммоларга учраган Гай жамоатига ҳам ёрдам беришгандир. Чунки имонлилар жамоати орасида «ўзини катта тутаётган» Диотреф нафақат Хушхабар тарқатувчи биродарларни ўзи қабул қилмаяпти, балки у ёмон гап тарқатиб, қабул қилмоқчи бўлганларга тўсқинлик қиляпти ва ҳатто уларни жамоатдан қувиб чиқаряпти (қаранг: 3 Юҳ. 9–10). Бу одамлар Исо Масиҳ йўлида хизмат қилганлар. Юҳанно, Худонинг хизматкорларига ғамхўрлик қилиб, уларнинг ҳақиқатни тарқатиш ва ҳимоя қилиш ишида биз ҳам уларнинг сафига қўшилишимизни таъкидлаб, шундай дейди: «Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қувватлаш бизнинг бурчимиздир» (8-оят). «Қабул қилиш» — ёрдам бериш, яъни хизмат қилувчиларга бошпана, озиқ-овқат ва пул бериш маъносини англатади. Масиҳийлар «қабул қилганларида» улар бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар. Ҳиндистондаги энг биринчи машҳур миссионерлардан бири Уильям Кэри ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилишади. Бир куни Эндрю Фюллер унга шундай дейди: «Ҳиндистонда олтин кони бор. Аммо бу кон шунақанги чуқурки, гўё Ернинг марказига етгудай чуқурликда!» Уильям Кэри дарҳол жавоб берибди: «Мен таваккал қилишга ва унга тушишга розиман. Аммо фақат сиз тросни (сим арқон) ушлаб туришингиз шарти билан»[34]. Худо хизматчиларига ёрдам бериш — бу Масиҳ ҳақидаги Хушхабар билан элчи сифатида йўлга тушаётганлар учун «сим арқонни ушлаб туриш» деганидир. Бунинг устига, Худо хизматчиларига меҳмондўстлик кўрсатиш — масиҳий учун энг самарали машғулотлардан биридир. Худди шундай, мисол учун, уйимизга келган миссонерлар доимо бизнинг оилавий ҳаётимизга яхши таъсир қилади. Улар орқали Худо қилган ишлар ҳақида Парвардигор хизматчиларининг ҳикояларини тинглаб, Раббий турли одамларнинг ҳаётида қандай ҳаракат қилишини билиб олардик. Биз Хушхабарнинг буюк кучи ҳақида «биринчи қўллардан» билган пайтимизда бизнинг эътиқодимиз ҳам ўсарди. Бизнинг меҳмондўстлик кўрсатиб олган яна бир мукофотимиз — бу дунёнинг турли жойларидан келган жуда кўп Худо одамлари билан ўрнатилган дўстлигимиздир. Биз ҳақиқатдан ҳам ўзимизни бутунжаҳон Худо оиласининг бир қисми деб ҳис қилардик. Уйимизда Худо хизматчиларининг бўлиши болаларимизга ҳам жуда яхши таъсир ўтказади. Мен ишонаманки, бизнинг болаларимиз тенгдошларига қараганда тажрибалироқ ва мустақилроқдирлар. Чунки улар дунёнинг деярли барча бурчакларидан келган одамлар билан учрашганлар ва мулоқотда бўлганлар. Худодан қўрқадиган одамлар сизнинг уйингизда тўхтаган пайтларида болаларингиз бебаҳо таълим оладилар. Катталарнинг гапларидан, айниқса Худо иши ҳақидаги гапларидан болалар сиз тасаввур қилганингиздан кўпроқ билим оладилар. Улар бебаҳо, хотираларида бир умр қоладиган ва ўчиб кетмайдиган билимларга эга бўлади. Шунингдек, улар сизнинг Худо хизматчилари ҳақида ғамхўрлик қилишингизни ва Худо севгисини унга муҳтожларга кўрсатишингизни кузатиб, одамларга қандай хизмат қилиш кераклигини билиб оладилар. Бу болаларнинг эътиқодини мустаҳкамлайди. Улар ўзларининг эътиқодлари уйда кўраётганлари ва эшитаётганлари туфайли ҳақиқий эканлигини англайдилар. Африкадаги миссионерлар оиласида туғилган машҳур воиз ва ёзувчи Стивен Олфорд ўз ота-онасининг ажойиб меҳмондўстлигини эслаб нима дейишига қулоқ тутинг-а: Биз меҳмондўстлик кўрсатганимиз учун бизни қандай мукофот кутишини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Аммо биз ҳозирданоқ бу учун мукофот оламиз. Меҳмондўстлик кўрсатиб, биз ажойиб ҳаётий тажриба оламиз. Орқага — ўз болалигимга назар ташлаб, мен уйимизда бўлган одамлар туфайли олган ўша руҳий бойлик учун Худога шукроналар айтаман. Болаликда, ўсмирликда ва ёшликда олган таассуротлар инсон ҳаёти ва унинг етуклик йилларида жуда катта ижобий аҳамиятга эгадир[35]. Ўзингизни Худонинг буюк марҳаматларидан маҳрум қилманг. Уйингиз эшикларини Раббий хизматкорлари учун очинг. 4-боб. Янги Аҳдда меҳмондўстлик амрлари …Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар. Рим. 12:13 Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар. 1 Бут. 4:9 Меҳмондўстликни унутманглар… Ибр. 13:2 Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қувватлаш бизнинг бурчимиздир. 3 Юҳ.8 Нозир… меҳмондўст бўлсин… 1 Тим. 3:2 Туллар рўйхатига ёзиладиган бева аёл… мусофирларни қабул қилган… бўлиши лозим… 1 Тим. 5:9–10 Меҳмондўстлик ҳақидаги суҳбатлар кўпинча одамларни хижолат қилади. Улар кўп «ноқулай» саволларни келтириб чиқаради. Жуда кўп масиҳийлар меҳмондўстлик аҳдлари ҳақида эшитиб бу аҳдларга риоя қилмаслик учун турли ҳайрон қоларлик сабабларни ўйлаб топадилар. Шундай бўлса-да, масиҳийлар Худо иродасини бажаришлари керак. «Севги амрларида», севги ҳақидаги Муқаддас Китоб таълимотига бағишланган энг нозик илоҳиёт тадқиқотларидан бирида Мельбургдаги Риджи коллежининг собиқ ректори Лео Моррис шундай деб таъкидлайди: «Меҳмондўстликнинг жуда баланд баҳоланиши аниқ! Бу хулосага Муқаддас Ёзув муаллифларининг меҳмондўстликка қанчалар кўп даъват этганликлари асосида келиш мумкин»[36]. Мен ишонаманки, фақат тирик, нафас оладиган ва одамлар ҳаётини ўзгартирадиган Худо сўзини ўрганибгина биз қўрқувдан, бекорчи баҳоналардан ва меҳмондўстлик саволларида бефарқликдан халос бўламиз. Фақат Худонинг Каломи ва Руҳигина бизни масиҳий учун меҳмондўстлик амрларини бажариш жуда муҳим эканлигига ишонтира олади. Шунинг учун бу бобда биз Янги Аҳднинг муаллифлари меҳмондўстликни қандай рағбатлантиришларини кўриб чиқамиз (3 Юҳ. 8 бундан мустасно, чунки бу парчани биз олдинги бобда муҳокама қилиб бўлдик). Меҳмондўст бўлишга жон куйдириш Павлус Римдаги масиҳийларга мурожаат қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиш мажбурияти ҳақида гапиради: «Имонлиларнинг эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этинглар. Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар» (Рим. 12:13). Бу қисқагина даъватнинг маъносини тўла тушуниш учун биз унинг матнини ўрганиб чиқишимиз керак. Бунинг учун 12-бобнинг бошига қайтамиз. Бу ерда Павлус масиҳийларни Худога ўз вужудларини тириклайин фидо қилишга, шунингдек, гуноҳкор дунёга уйғунлашмай, Худонинг иродасини билиш учун фикрни янгилашга даъват этади: Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар. Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар. Рим. 12:1–2 Ушбу сўзлардан сўнг Павлус дарҳол «фикрни янгилаш»га эга бўлиш ва Худо иродасига мувофиқ яшаш нима эканлигини тушунтириб, алоҳида насиҳатлар беради. Павлус масиҳийлар «ўзлари ҳақида камтарлик билан ўйлашлари» ва ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга интилишлари кераклиги ҳақида гапиради (3–8-оятлар). Шундан сўнг у бир нечта қисқа, аммо жуда муҳим амрларни беради ва гапни севги мавзусидан бошлайди: «Севгингиз риёсиз бўлсин… бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар; бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар…» (9–10-оятлар). Муқаддас Китобнинг изоҳлари муаллифи Чарлз Кранфилд 9–13-оятлар мавзусини «ҳаракатдаги севги» ёки «севги белгилари» деб номлашни таклиф қилади[37]. Шундай қилиб, меҳмондўст бўлишга даъват севги ва фидокорона масиҳийлик ҳаёти қонтекстида мавжуддир. Севги ва меҳмондўстлик доимо ёнма-ён юради. Масиҳдаги биродарлар ва сингиллар сифатида биз иноқ ва аҳил оила бўлишимиз лозим. Биз бирга бўлишимиз, бир-биримизни севишимиз ва бир-биримиз ҳақимизда ғамхўрлик қилишимиз керак. Агар бизнинг уйларимиз эшиклари ёпиқ қолса, биз буни амалга ошира олмаймиз. Шундай қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиб, биз Худога батамом бағишланган ва янгиланган ҳаётда яшаётганлигимизни кўрсатамиз. Бунинг устига, биз Римликларга Мактубнинг 9–13-оятлари, аслида, ҳар бир масиҳий қандай маданиятга тааллуқли бўлганидан қатъий назар, у риоя қилиши керак бўлган Руҳ амрлари эканлигини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак. Янги Аҳдда меҳмондўст бўлиш фақат қандайдир муайян маданий муҳитда тарбия топган баъзи масиҳийларнинггина қўлидан келади деган сўзлар йўқ. Бунинг ўрнига, Муқаддас Ёзув, меҳмондўстлик амри масиҳийлик жамиятида муҳим рол ўйнайди, дейди. Модомики, бизга бир-биримизни севиш амри берилган экан, биз Янги Аҳдда меҳмондўстлик кўрсатиш амри борлигига ҳайрон қолмаслигимиз керак. Унга барча масиҳийлар Худога итоаткорлик тартибида риоя қилишлари лозим. Ёзувчи ва илоҳиётчи Карл Генрининг рафиқаси Хельга Генри бу нуқтаи назарни ишонч билан қўллаб-қувватлайди: «Масиҳийча меҳмондўстлик — бу шахсий танлов масаласи эмас. Бу на пул, на ёш, на ижтимоий ҳолат ёки одамнинг жинси, ёки қандайдир хусусиятлар масаласи эмас. Масиҳийча меҳмондўстлик — бу Худога итоаткорлик масаласидир»[38]. Биз шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, Синодал Муқаддас Китобда «жон куйдиринглар» (қаранг: Рим. 12:13) деб таржима қилинган юнонча dioko сўзи, аслида сўзма-сўз «…учун кураш» ёки «амалга ошириш имконини излаш» деб таржима қилинади. Умуман олганда, биз меҳмондўстлик кўрсатишнинг «имкониятларини қидиришга» одатланмаганмиз. Аммо Муқаддас Китобда биз худди шундай қилишимиз кераклиги ҳақида ёзилган. Леон Морриснинг айтишича, dioko сўзи «куч-қувватни аямасдан ҳаракат қилиш маъносини билдиради»[39]. Филолог, юнон тили мутахассиси К. Барретт бу сўзни «ташаббус билан меҳмондўстлик кўрсатинг», деб таржима қилади ва ушбу даъватнинг кучини очиб беришга ҳаракат қилади[40]. Француз муаллифи Ф. Годе бу ифодани «меҳмондўстлик кўрсатишни жуда хоҳлаш», деб таржима қилади[41]. Табиийки, «жуда хоҳлаш» ёки «…ҳақида жон куйдириш» сўзи «кўрсатиш» сўзига қараганда анчагина таъсирлироқ. Янги Аҳдда Худо бизга биз «солиҳлик ва мулойимлик пайида бўлишимиз» (у ҳақда «жон куйдирмоқ) (қаранг: 1 Тим. 6:11), «яхшиликни излашимиз» (у ҳақда «жон куйдирмоқ») (қаранг: 1 Сал. 5:15), «тинчлик қидириб унинг пайида бўлишимиз» (у ҳақда «жон куйдирмоқ») (қаранг: 1 Бут. 3:11), «севгининг пайида бўлишимиз ва руҳнинг инъомларини олиш учун ғайрат қилишимиз» (қаранг: 1 Кор. 14:1), ва ниҳоят, — «меҳмондўст бўлишга жон куйдиришимиз» кераклиги ҳақида гапиради. Шунинг учун биз меҳмондўстлик кўрсатишнинг имкониятларини фаол қидиришимиз, шундай имкониятга интилишимиз ва уни жон-жаҳдимиз билан амалга оширишимиз керак. Биз меҳмонларга қандай қилиб илтифот кўрсатишимиз ҳақида ўйлашимиз, бизга шундай имконият берилиши ҳақида ибодат қилишимиз керак. Қисқа қилиб айтганда, юқорида таҳлил қилинган Рим. 12-бобидан олинган парчалар бизни барча масиҳийлар меҳмондўстлик кўрсатишга ҳаракат қилишлари ва шундай имкониятни қидиришлари кераклигига ўргатади. Ўзининг Римликларга Мактубига ёзган изоҳларида Ричард Ленски шундай деб ёзади: «Меҳмондўстлик ҳақида гап кетганда, унга жон куйдириб қаранг!.. Меҳмондўстлик кўрсатиш имконияти кетидан асл маънода худди овчи ҳайвон кетидан қувгандай қувиш керак, кейин эса қувонч билан ўлжани уйга олиб бориш лозим»[42]. Муқаддас Китобга изоҳларнинг кўплаб муаллифлари меҳмондўстлик амрини бажараётганда фаол бўлиш кераклигини таъкидлайдилар. Годе шундай деб ёзади: «Биз меҳмонларга илтифот кўрсатиш имкониятларини қидиришимиз керак»[43]. Джон Мюррей: «Нафақат вазият бизни мажбур қилган ҳолларда, балки ҳар доим меҳмондўстлик кўрсатишга интилишимиз керак», — дейди[44]. Римликларга Мактуб изоҳларининг энг машҳурларидан бирининг муаллифи Роберт Халдан шундай деб ёзади: «Бизни нафақат меҳмондўстлик кўрсатишга, балки у ҳақда жон куйдиришимизга ҳам даъват қилишади. Масиҳийлар шу тарзда биродарларига ўз севгиларини ифодалаш имкониятларини ахтаришлари керак»[45]. Биродарларим ва сингилларим, сизга бир нечта савол беришимга рухсат беринг. Сиз меҳмондўстлик кўрсатиш имкониятларини фаол қидиряпсизми? Ёки сиз меҳмонларга фақат байрамларда ёки қандайдир алоҳида тадбирлар пайтида илтифотлимисиз? Меҳмондўстлик масиҳийлик иттифоқида қанчалар муҳим рол ўйнашини англайсизми? Сиз биродарлик севгиси ва меҳмондўстлик ўртасидаги боғлиқликни кўрасизми? Азизларим! Биз қачонки Худо Руҳи бизга меҳмондўстлик кўрсатишни амр қилганлигини тушунсаккина, уйларимиз эшигини бошқалар учун очишни хоҳлаймиз. Қувонч билан меҳмондўстлик кўрсатиш Масиҳийлик севгиси ва меҳмондўстлик ўртасидаги боғлиқлик Рим. 12-бобга қараганда, 1 Бут. 4-бобида аниқроқ ифодаланган: Аввало, бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади. Ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар. Худо сизларга ҳар турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар. 1 Бут. 4:8–10 Бутрус мурожаат қилган масиҳийлар жуда қаттиқ зулмларга дуч келганлар (қаранг: 1 Бут. 4:12–19). Бутрус бутпарастларнинг адоватлари билан юзма-юз келган бу масиҳийларга ўз биродарларининг самимий севгиси ва ёрдами зулмлар бўронига қурбонларсиз дош бериш учун муҳимлигини биларди. Бутрус ўз биродарлари ва сингилларига «улар бир-бирларини ихлос билан севишлари»ни (8-оят) айтган. Бу ерда «ихлос билан» деб таржима қилинган юнонча сўз «дадил, қатъий ҳаракат» деган маънони билдиради. Кранфилд шундай деб огоҳлантиради: Эҳтимол, «ихлос билан» ибораси унчалик аниқ эмасдир. Бу парчада қўлланган юнонча сўз ўзига хос жуда катта кучни, масалан, спортчилар сарфлайдиган кучни билдирса-да, эътибор-муносабатларнинг илиқлигига қаратилгандай туюлиши мумкин. У азоб-уқубатлар нима эканлигини биладиган севгининг аниқ кучи ҳақида гапиради[46]. Шундай қилиб, биз, масиҳийлар, бир-биримизга самимий меҳр-муҳаббат кўрсатишимиз керак. Меҳмондўстлик кўрсатиш — бу масиҳийча севгини ифодалашнинг усулларидан биридир. Меҳмондўстлик севги оловини англатади. У севгини мустаҳкамлайди ва уни асрайди. У севгини бойитади (agape) ва уни янгилайди. Шунинг учун Масиҳдаги биродар ва сингилларни ихлос билан севиш ҳақида Бутруснинг даъватидан кейин дарҳол қувонч билан меҳмондўстлик кўрсатиш амри келади. Бу ерда Бутруснинг қандай турда амр бераётганлигига эътибор бериш муҳимдир. Меҳмондўстлик кўрсатиш амри (8-оят) бу аслида, одамлар орасидаги муносабатлар ҳақидаги амрдир. Бундай амрлар Янги Аҳдда жуда кўп. Масиҳийларга, бир-бирларингизни севинглар, бир-бирларингиз учун ибодат қилинглар, бир-бирларингизга ғамхўрлик қилинглар, бир-бирларингизнинг юкингизни енгиллатинглар, ниҳоят, бир-бирларингизга меҳмондўст бўлинглар, деб даъват қилишади. Бу оятлардаги «бир-бирларига» сўз бирикмасини Бутрус алоҳида меҳмонларга ёки Хушхабарни тарқатувчиларга тегишли эканлигини эмас, балки оддий масиҳийларнинг бир-бирига кўрсатадиган меҳмондўстлигини назарда тутганлиги тўғрисида гапиради[47]. Хуллас, Бутрус кундалик меҳмондўстлик ҳақида сўз юритади. Мадомики, биз «Масиҳ вужудида бирлашиб бир баданни ташкил этар эканмиз» (қаранг: Рим. 12:5), бир-биримизга Масиҳ севгисини кўрсатишимиз ва бир-биримизга хизмат қилишимиз керак. Бу Масиҳ Танасидаги ҳаётнинг бир қисмидир. Масиҳ Танаси аъзоларининг бир-бирига ўзаро боғлиқлиги ана шунда намоён бўлади. Шунинг учун масиҳийлар бир-бирларига меҳмондўст бўлишлари керак. Ўтган асрда Англияда ташкил қилинган «биродарлар ҳаракатида» иштирок қилган масиҳийлар бир-бирларига меҳмондўст бўлиш ҳақидаги Бутруснинг даъватларини жуда жиддий қабул қилганлар. Натан Смит машҳур эътиқодли одам, болалар уйининг директори Джорж Мюллер (1805–1898) билан боғлиқ бўлган «биродарлар ҳаракати» ҳақида ҳикоя қилиб, шундай деб ёзади: Улар бир-бирлариникига бемалол меҳмонга борардилар, тез-тез бирга овқатланардилар ва бир-бирлари билан жуда кўп мулоқотда бўлардилар. Ўша пайтларда «биродарлар ҳаракати» иштирокчилари барча қоидалардан кўз юмадиган ва ҳаммага бир хил меҳмондўстлик кўрсатадиган одамлар сифатида машҳур бўлдилар. Бу бугунги кунда ҳам ҳақиқат бўлиб қолаверади, чунки «биродарлар» энг меҳмондўст одамлар сифатида машҳурдирлар[48]. Минг афсуски, жуда кўп масиҳийлик ҳаракатлари, деноминациялар ва маҳаллий жамоатлар меҳмондўст эмаслар. Кўп ҳолларда маҳаллий жамоатларда фақат бир нечта оилагина меҳмондўстлик амрларига риоя қиладилар. Агар маҳаллий жамоатдаги икки ёки уч оилагина меҳмондўст бўлса, бундай ҳолда меҳр-муҳаббат ва яқинлик туйғуси тамомила йўқолиб кетишини, афсуски, масиҳийларнинг кўпчилиги англаб етмайдилар. Муқаддас Ёзув маҳаллий жамоатларнинг барча аъзоларини ягона Масиҳ Танасининг тўлақонли ҳаёти билан яшаш учун бир-бирларига меҳмондўст бўлишга чорлайди. Тўғри муносабат 9-оятдаги асосий фикр икки сўзда мужассамдир: «риёсиз бўлсин» (яъни ёлғонсиз ва норозиликсиз). Риё севгининг ошишига ёрдам бермайди. Аксинча, у келишмовчиликка, умидсизликка ва норозиликка олиб келади. Риёнинг тескариси — бу меҳмон кутиш билан боғлиқ бўлган қувонч, барча ноқулайликларга ташаббускорлик билан чидашга тайёр туриш ва барча ташвишларни ўзига олишдир. Меҳмондўстлик кўрсатиш — фидокорликнинг бир шаклидир, «чунки Худо рози бўлиб берувчини севади» (2 Кор. 9:7). Шунинг учун меҳмон кутаётганимизда Худодан бизга шодлик руҳини ҳадя қилишини сўрайлик. Шубҳасиз, меҳмондўстлик кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ташвишлар осонликча бизнинг ғашимизга тегиши мумкин. Меҳмондўстлик урфдан чиққан оғир меҳнатни талаб қилади. У бизга қимматга тушади ва кўпинча ноқулайликлар келтириб чиқаради. У кўп вақт талаб қилади. У оилада муайян бир кескин шароитга сабаб бўлади. Баъзида меҳмонлар Масиҳдаги ўз биродарлари ва сингилларининг яхши муносабатларини суистеъмол қиладилар. Қувғинлар пайтида эса меҳмонларга илтифот кўрсатиш ҳатто хавфли ҳам бўлиши мумкин. Шундай қилиб, меҳмондўстликка бўлган синов бизнинг Худога ва Унинг халқига бўлган «севги ихлоси» мизни аниқ, «амалий» жиҳатдан яхшилаб текширувдир. Севги мавҳум, ноаниқ тушунча бўлиши мумкин; меҳмондўстлик эса аниқ ва сезиларлидир. Биз бир-биримизга севгининг кўплигидан жуда кам ҳолларда норозилик билдирамиз. Аммо биз меҳмондўстлик кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ноқулайликларга карши чиқишга доим тайёрмиз. Меҳмондўстлик — бу ҳаракатдаги севгидир. Меҳмондўстлик — бу севгининг танаси ва мушакларидир. Биз меҳмондўстлик кўрсатаётганимизда, севгимиз синовдан ўтади. Худбинликнинг оғир гуноҳи Қалбимизнинг энг туб-тубида барчамиз худбинмиз. Худбинлик эса меҳмондўстликнинг энг ёвуз душманидир. Биз ноқулайликлар ҳис қилишни хоҳлаймиз. Биз бошқа одамларга ўзимизнинг қимматли вақтимизни сарфлашни ва уйимизга қўйишни хоҳламаймиз. Биз ўзимизга қулайликлар яратиш йўлида қулмиз. Биз бошқа одамларнинг муаммоларига чалғимасдан, ўз ишимиз билан шуғулланиш ниятида эркин бўлишни хоҳлаймиз. Биз ўз зиммамизга меҳмондўстлик кўрсатиш талаб қиладиган жавобгарликни ва ташвишларни олишни истамаймиз. Биз бахилмиз ва ўз озиқ-овқатимиз, бошпанамиз ёки пулимизни бошқалар билан бўлишишни хоҳламаймиз. Бошқалар бизнинг яхшилигимизни суиистеъмол қилишларидан ёки бизнинг мулкимизга зарар етказишидан қўрқамиз. Буларнинг барчаси — худбинлик, худбинлик эса — гуноҳдир. Худбинлик руҳ эмас, балки танада ҳукмрон бўлган олдинги ҳаётнинг белгисидир. Худбин бўлиш — бу фақат дунёвий манфаатлар билан банд бўлиш демакдир. Бу эса севгига, меҳмондўстлик амрларига ва Исо Масиҳ ҳам сўзда, ҳам ишда ўргатган ҳамма нарсага қаршилик қилади. Масиҳ биз учун намуна бўлиб хизмат қилади. У Ўз ҳаётини бошқалар учун берди. Шу сабабдан биз худбинлигимиз туфайли Худо ва Унинг одамлари олдидаги гуноҳимизга тавба қилишимиз керак. Биз бир-биримизга худди Қутқарувчи бизга хизмат қилгани каби қувонч билан хизмат қилиш имкониятларини қидиришимиз керак. Ва шу тарзда Раббий Ўз халқида кўришни хоҳлаган ўша севгини намоён қила оламиз. Руҳий қобилиятлар билан хизмат қилиш Сидқидилдан меҳмондўстлик кўрсатиш даъватидан сўнг Бутрус дарҳол масиҳийларга, Худодан олган турли қобилият билан бошқа одамларга хизмат қилинглар, деб ўтиниб сўрайди: «Худо сизларга ҳар турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар» (1 Бут. 4:10). Меҳмондўстлик худди севги сингари Муқаддас Руҳ қобилияти билан ҳам яқин алоқададир. Меҳмондўстлик кўрсатиб, биз жуда кўп руҳий қобилиятни намоён қилиш имкониятларини оламиз. Бу — мурувват, яратувчилик, Хушхабарни етказиш ва бошқа турлича қобилиятлардир. Меҳмондўстлик кўрсатишни унутмаслик Меҳмондўстликка тааллуқли Янги Аҳднинг энг қизиқ парчаси — бу Ибронийларга Мактубнинг 13-боб 1- ва 2-оятларидир: «Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар. Меҳмондўстликни унутманглар; баъзи кишилар меҳмонларимни яхши кутай, деб билмасдан фаришталарни кутганлар». Биз яна бир марта меҳмондўстлик ва севги ўртасида яқин алоқа мавжудлигига ишонч ҳосил қиламиз. Philadelphia сўзи юнон тилидан «биродарлик севгиси» деб таржима қилинади. Ундан бу матнда фақат масиҳийлар фойдаланганлар. Юнонлар «биродарлик севгиси» тушунчасини руҳий яқинликни тасвирлаш учун ишлатмаганлар; улар «биродарлик севгиси» сўзини фақат ака-укалар ўртасидаги — қондош-қариндошлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни ифодалашда фойдаланганлар. Ака ва сингиллар бир-бирлари билан қондошлик–қариндошлик алоқаси билан боғланганлар, бир-бирларига руҳан яқинлар. Муқаддас Китоб масиҳийлар ўртасидаги муносабатларни қондош ака-сингиллар ўртасидаги муносабатлар билан таққослайди. Яъни гап бир-бирларидан ёрдамларини аямасликда ифодаланган ажойиб, мустаҳкам, узилмайдиган қариндошлик алоқалари ҳақидадир. Ана шундай мустаҳкам муносабатларнинг мавжудлиги муайян ҳаракатларга олиб келиши керак, улардан бири — меҳмондўстлик кўрсатишдир. Муқаддас Китоб ва Жамоат йўлбошчилари меҳнатлари бўйича машҳур тадқиқотчи Б. Уэсткотт айнан шу фикрни қўллаб қувватлайди: «Меҳмондўстлик — бу тўғри даъватга жавобдир (бир-бирларингизни биродарларча севишда давом этинглар)»[49]. Агар биз Масиҳдаги биродарларимиз ва сингилларимизни севсак, унда албатта уларни уйимизга таклиф қилишни хоҳлаймиз. Биз уйимизда иложи борича кўпроқ биродар-сингиллар йиғилишини хоҳлаймиз. Уйимизда уларнинг ҳозир бўлишлари бизга одамлар, фаришталар ва мукаммал хўжайин — бизнинг Раббимиз Исо Масиҳ бўладиган жой — осмонни тасаввур қилишга ёрдам беради. Одамлар меҳмондўстлик кўрсатиб самимий қувончни ҳис қилишларига қарамай, улар тушкунликка ёки қаттиқ ҳаяжонга тушган пайтларида бу ҳақда унутадилар. Аммо меҳмондўстликни менсимаслик — бу севги ўчишининг яққол белгисидир. Меҳмондўстлик бизга қимматга тушиши мумкин (ҳам асл маънода, ҳам кўчма маънода). Аммо биз меҳмондўстлик кўрсатиб Масиҳдаги биродар ва сингилларимизга бўлган масиҳийлик севгимизни ифодалаймиз. Шунинг учун Худо Руҳи бизни меҳмондўстликка эътиборсизлик қилмаслигимиз ҳақида огоҳлантиради. Тескари бурч амрини ишлатиб, Ибронийларга Мактубнинг муаллифи даъват қилади: «Меҳмондўстликни унутманглар». Бу сўзларнинг юнонча матни қуйидагичадир: «Меҳмондўстликни эсдан чиқарманглар» ёки «Меҳмондўстликка эътиборсиз бўлманг». Муқаддас Китобнинг кўп таржималарида «дунё кезувчиларга нисбатан» деб қўшиб қўйилади, аммо бу унчалик аниқ эмас[50]. Асл нусхасида қўлланган юнонча philoxenia сўзини мутлақо нотаниш одамларга нисбатан ҳам, яқин дўстларга нисбатан ҳам ғамхўрликни билдирадиган «меҳмондўстлик» сўзи каби таржима қилиш лозим[51]. Юнонлар учун ҳам, ибронийлар учун ҳам бегона одамларга меҳмондўстлик кўрсатиш ўзига хос ахлоқий мажбурият бўлган. Шубҳасиз, Муқаддас Китоб биздан бундан камини талаб қилмайди. Римликларга Мактубда Павлус масиҳийлардан уларнинг шаҳрига Кенхреядан келадиган Фива исмли Масиҳдаги сингилга меҳмондўстлик кўрсатишларини сўрайди: Кенхрея шаҳридаги имонлилар жамоатида хизмат кўрсатаётган синглимиз Фивани сизларга тақдим этаман. Уни Раббимиз ҳақи, Худо азизларига муносиб қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро у кўп кишиларга ва айниқса менга ҳам мададкор бўлган. Рим. 16:1–2 Фива Римда меҳмон эди, у бошпана ва дўстлик ёрдамига муҳтож мусофир эди. Шунинг учун Павлус Рим масиҳийларидан уни «Худо азизларига муносиб қабул қилишга» даъват қилади. Улар Фивани Худо муқаддаслари унвонига сазовор тарзда қабул қилишлари кераклигини билдирарди; яъни Римдаги масиҳийлар уни иззат-эътибор, меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик билан худди Худонинг Ўзи уни қабул қилганидай қабул қилишлари керак эди. Бизнинг шаҳримизга масиҳийлар келган пайтларда, майли. вақтинча яшашга ёки ишлашга келган бўлса ҳам барибир, биз уларни илтифот билан қабул қилишимиз ва ўзимизнинг Худо муқаддаслари деган буюк унвонимизни оқлаш учун уларга ёрдам беришимиз керак. Улар масиҳийлик жамоатимизнинг аъзолари бўлишлари учун биз ёрдам беришимиз керак. Зарур бўлганда эса уларга бошпана ёки иш топишларига ҳам кўмаклашишимиз керак. Келинглар, Аюбнинг: «Ҳеч бир мусофир кўчада тунамаса ҳам бўларди, чунки менинг эшикларим доимо саёҳатчиларга очиқ» (Аюб. 31:32) деган мисолига риоя қилайлик. Кутилмаган мукофот Ибронийларга Мактубнинг муаллифи меҳмондўст бўлиш ҳақидаги даъватни кучайтириб, қизиқтириш учун қўшимча қилади: «Баъзилар (меҳмонларга илтифот кўрсатай деб) ўзлари билмаган ҳолда фаришталарни меҳмон қилганлар». Бу сўзлар албатта Мактуб ўқувчиларини илҳомлантириши ва уларга меҳмондўстликнинг муҳимлигини кўрсатиб бериши керак эди. Бу Мактубнинг барча ўқувчилари иброний масиҳийлар эди. Шунинг учун улар Эски Аҳдни яхши билишарди. Мактуб муаллифи Эски Аҳднинг қаҳрамонлари — Иброҳим ва Сора, Лот, Гидўн ва Шимшўннинг ота-оналари ҳақида гапирганини улар билишарди (қаранг: Ибт. 18, 19; Ҳакам. 6, 13). Бу одамларнинг ҳаммаси Худонинг хабарчилари бўлиб чиққан нотаниш одамларга меҳмондўст бўлганлар. Агар биз меҳмондўстлик қилсак, ғайритабиий мавжудотларнинг ташрифини кутишимиз кераклигини Ибронийларга Мактубнинг муаллифи умуман назарда тутмаган. Муаллиф меҳмондўстлик кўрсатиш кўпинча кутилмаган мукофотга эга бўлиш ёки марҳамат олиб келиши ҳақида гапирган. Меҳмон ва мезбоннинг ўзаро муносабатларида айнан меҳмон кўпинча уй эгасини дуо қилади. Хушхабарларда меҳмон, яъни Исо уй эгаси билан ўрин алмашади, мезбонга хизмат қилади, уни ва уйдаги барча одамларни дуо қилади. Бир одам бошқасига меҳмондўстлик кўрсатган вақтда дуони ҳам меҳмон, ҳам уй эгаси олади. Муқаддас Китоб изоҳларининг муаллифи Генри Алфорд Муқаддас Китоб муаллифининг нуқтаи назарини жуда яхши тушунтириб беради: «…фаришталар Худонинг махсус топшириғини бажарувчи элчилар бўлганлар, ҳар қандай масиҳий — меҳмон, ҳатто биз ундан буни кутмаган бўлсак-да, ана шундай элчилар бўлишлари мумкин»[52]. Меҳмонлар, биз ҳеч кутмаган меҳмонлар ҳам уйимизга келтирган марҳаматлар ҳақида мен гувоҳликлар келтиришим мумкин. Биз турли меҳмонлардан олган ажойиб марҳаматларимиз ҳақида мен бутун бир китоб ёзишим мумкин. Биз ҳақиқатан ҳам фаришталарни қабул қилганмиз. Меҳмонлар бизга ҳеч кутилмаган тарзда хизмат қилганлар. Улар бизнинг уйимизга барча касалликларнинг дорисини: кулги ва ҳазилни олиб келганлар. Улар бизнинг руҳимизни кўтарганлар. Бизга ўз билимларини ва ҳаётий тажрибаларини улашар эдилар. Улар бизга янги уфқларни очиб, бизнинг эътиқодимизни мустаҳкамлардилар. Улар бизга Масиҳ севгисини намоён қилардилар. Меҳмондўстлик кўрсатишдан мақсад ҳеч қачон фақат дуо олишга интилиш бўлмаслиги керак, агар биз ҳамиша одамларга илтифотли бўлсак, бундай дуолар бизга барибир юборилади. Биз бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак: биз Раббийнинг одамларига меҳмондўстлик кўрсатиб, Унинг Ўзига меҳмондўстлик қилаётганлигимизни ўргатади: Шунда Подшоҳ ўнг томондагиларга айтади: «Эй, Менинг Отамнинг олқаганлари, келинглар! Дунё яратилгандан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни эгаллангиз. Чунки Мен оч эдим, Менга овқат бердингизлар. Чанқаган эдим, Менга сув ичирдингизлар. Мусофир эдим, Мени меҳмон қилдингизлар. Яланғоч эдим, Мени кийинтирдингизлар. Касал эдим, Мени боқдингизлар. Зиндонда эдим, Мени келиб кўрдингизлар <…> …» Сизларга чинини айтайин: сизлар Менинг шу кичик биродарларимдан бирига неки қилган бўлсангиз, бу Менга қилганингиздир». Мат. 25:34–36, 40 Агар биз ўз уйимиз эшикларини биродарларимиз ва сингилларимизга, ҳатто энг «кичик»ларига ҳам очган вақтимизда, уйимизга Раббимиз Исо Масиҳни таклиф қилаётганлигимизни эсда сақлаганимизда эди! Агар биз бу ҳақиқатни англаб олсак, у бизнинг одамларга бўлган, айниқса муаммолари бўлган одамларга хизмат қилиш ҳақида фикрларимизни ўзгартиради. Шубҳасиз, ҳар бир меҳмон ҳурматга лойиқ, у — мангу яшайдиган бебаҳо шахсдир. Менинг хотиним ҳар доим шундай дейди: «Биз ҳар бир келган меҳмонни худди Худонинг фариштасини ёки Раббийнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилишимиз керак. Барча меҳмонлар жуда муҳимдирлар». Шундай қилиб, Иброҳим учун фаришталарни қабул қилиш шарафли бўлганидай, биз учун ҳам Худо хизматчиларини қабул қилиш шарафли бўлиши керак. Муқаддас Китоб тадқиқотчиси Уильям Келли шундай деб ёзади: «Иброҳим ва Лутнинг ўзлари билмай туриб фаришталарни қабул қилганликлари бизни ғайратлантириши керак. Худо элчиларини қабул қилиш бугун ҳам худди Муқаддас Китоб замонларидаги каби шарафлидир»[53]. Пресвитер меҳмондўст бўлиши керак Агар сиз масиҳийлардан, пресвитерга талаблар қандай бўлиши керак, деб сўрасангиз, уларнинг кўпчилиги: «У семинарияни тугатган бўлиши, тегишли дипломи бўлиши ва у муайян маълум бир ақидаларга ишониши керак», деб жавоб беришади. Фақат жуда кам эътиқодли одамларгина жамоат йўлбошчисининг хусусиятлари рўйхатига меҳмондўстлик кўрсатиш маҳоратини ва истагини қўшиб қўядилар. Аммо айни шуни Янги Аҳд талаб қилади: Агар ким имонлилар жамоатининг нозири (епископи) бўлишга интилса, хайрли иш орзу қилган бўлади. Бу тўғри. Фақат шарт шуки, нозир беайб, бир хотинли, ўз меъёрини билувчи, вазмин, адабли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин. 1 Тим. 3:1–2; Тит. 1:7–8-га ҳам қаранг Муқаддас Ёзувга кўра, руҳий йўлбошчилар меҳмондўст бўлишлари кераклиги жуда кўп масиҳийларга номаълумдир. Баъзи одамлар ҳатто пресвитерлар ана шундай «унча муҳим бўлмаган» хусусиятга эга бўлишлари керак, деган фикрга қўшилмайдилар. Аммо бу муаммога ана шундай ёндашиш, масиҳийлар ҳақиқатдан ҳам масиҳийлик жамоати қандай бўлиши кераклигини ва руҳий отанинг хизмати ўз ичига нималарни олишини тушунмасликларини англатади. Муқаддас Китобдаги жамоат бошлиғи — бу Раббийга азиз ва Унинг қони эвазига сотиб олинган Худо одамларининг қавмбошисидир. Худди Олий қавмбоши Масиҳ каби, жамоат қавмбошиси фидокорлик билан ўзини Худо халқининг ташвишларига бағишлаши керак (қаранг: 1 Сал. 2:8). Одамлардан узоқда юриб, фақат ҳар якшанбада уларнинг қўлларини сиқиб қўйиб ёки вақти-вақти билан уларникига бир пиёла чойга кириб, буни амалга ошириб бўлмайди. Бу — Худо халқининг ғамхўрлигига қавмбоши ўзини бағишлаши, ўз ҳаёти ва уйини бошқалар билан бўлишиши деган маънони билдиради. Уйнинг очиқ эшиклари — бу очиқ қалб ва севгининг, ғамхўрлик ва хизматнинг белгисидир. Мен пресвитер бўла туриб шунга амин бўлдимки, агар биз уйимизнинг эшикларини очсак ва атрофимиздаги одамларга илтифот кўрсатсак, биз уларга муваффиқият билан Хушхабарни етказишимиз, уларга ғамхўрлик қила олишимиз мумкин экан. Худо хизматчисининг меҳмондўст бўлиши аҳамиятсиздай туюлишига қарамасдан, аслида у одамларга жуда жиддий таъсир қилади. Агар сиз бунга шубҳа қилсангиз, пресвитер меҳмондўстлик қилган одамлардан сўранг. Шубҳасиз, улар сизга бу жамоат йўлбошчиси хизматининг энг муҳим, ёқимли ва эсда қоларли томонларидан бири деб жавоб беришади. Кутилмаган ҳолатда Худо уй эгаси ва меҳмон ўртасидаги муносабатлардан ўз халқини руҳлантириш, уларни тўғри йўлга бошлашда фойдаланади. Агар маҳаллий жамоат хизматчилари меҳмондўст бўлмасалар, унда жамоатнинг ўзи ҳам меҳмондўст бўлмайди. Шунинг учун биз одамлар эҳтиёжларига хизмат қилишда меҳмондўстликка эътиборсизлик қилмаслигимиз керак. Кимки меҳмондўст бўлса, у одамларни яхши кўради ва улар ҳақида ғамхўрлик қилади. Маҳаллий жамоат томонидан беваларни қўллаб-қувватлаш Меҳмондўстликнинг муҳимлигини таъкидлайдиган охирги оят — бу 1 Тим. 5:10-оятдир. Масиҳий бева аёл маҳаллий жамоат томонидан тўлиқ ёрдам оладиган муҳтож бевалар рўйхатига киритилишидан олдин, бошқа кўп нарсалар билан бир қаторда ўзини меҳмондўст уй бекаси сифатида ҳам намоён қилиши кераклигини шу оятдан билиб оламиз. Муқаддас Ёзувда шундай дейилган: Туллар рўйхатига (Имонлилар жамоатининг муҳтож бевалар фонди) ёзиладиган бева аёл битта эркакка теккан бўлиши ва олтмиш ёшдан кам бўлмаслиги шарт. Шунингдек, у яхшилик қилувчи деб ном чиқарган, болалар тарбиялаган, мусофирларни қабул қилган, азизларнинг оёқларини ювган (имонли меҳмонларни ҳурмат қилиш демакдир), қайғу-алам чекувчиларга ёрдам берган ҳамда хайрли ишларга астойдил берилган бўлиши лозим. 1 Тим. 5:9–10 Бу масиҳийнинг ҳаёти қандай бўлиши кераклигининг ажойиб мисолидир! Бунда биз фидойиликка, оғир меҳнатга, одамларга хизмат қилишга, севгига ва эзгу ишларга тўла ҳаётни кўрамиз. Айнан ана шундай ҳаёт тарзини Худо хоҳлайди. Бу фақат ўз ҳузур-ҳаловатлари ҳақида ўйлайдиган бизнинг худбин жамиятимиз учун қанчалар таъна тошидир! Илтифотни қабул қилишдан бош тортиш ҳақидаги амр Масиҳий қачонлардир кимгадир илтифотли бўлишдан қандай қилиб бош тортиши мумкинлигини баъзи одамлар тушуна олмайдилар. Аммо Муқаддас Ёзув бизни муайян бир вазиятда айнан шундай йўл тутишга ўргатади. Бундай ҳолда гап сохта устозлар ва ўз гуноҳларига тавба қилмаган художўйлар ҳақида боряпти. Иккала ҳолда ҳам бундай одамларга ўз уйимиз эшикларини ёпиб, биз ўзимизни ва Жамоат муқаддаслигини ҳимоя қилмоқчи ва гуноҳлари ўз кўзларини кўр қилган одамларнинг кўзларини очмоқчи бўламиз. Сохта устозлар Муқаддас Ёзув биз, масиҳийлардан, уйларимиз эшикларини сохта устозлар олдида ёпишимизни талаб қилади. Юҳанно шундай деб ёзади: «Агар бирор киши олдингизга келиб бу таълимотни ўргатмаса, уни уйингизга киритманглар, унга салом ҳам берманглар. Чунки унга салом берган киши унинг ёмон ишларида иштирок этган ҳисобланади» (2 Юҳ. 10–11). Юҳанно бу ерда имонсизлар ҳақида, бошқа эътиқод вакиллари ёки нуқтаи назарларига кўра бизникидан жуда кам фарқ бўлган масиҳий устозлар ҳақида гапирмаяпти (қаранг: 1 Кор. 5:9–12). Йўқ, у Масиҳ моҳияти ҳақидаги асосий таълимотни бузиб кўрсатадиган, ҳалокатга элтувчи сохта таълимотларни фаол тарғиб қилувчи бидъатчи илоҳиётчиларни назарда тутади. Юҳанно мазҳаблар ва уларнинг бошлиқлари ҳақида гапиради. Биздан нафақат бундай устозлар олдида эшикларни ёпиш талаб қилинади, балки улар билан биз одатда танишларимиз ва дўстларимиз билан муносабатда бўлгани каби мулоқот қилмаслик ҳам талаб этилади. Биз шайтон хабарчилари билан мулоқотга киришмаслигимиз ва уларга қандай бўлса-да, ёрдам ҳам кўрсатмаслигимиз керак! Агар бундай муносабат сизга жуда қўпол бўлиб туюлса, қулоқ солинг, бу ҳақда воиз Джеймс Моннтгомери Бойс нима дейди: «Агар бундай сўзлар сизга жуда кескин бўлиб туюлса, бу Масиҳ ва Унинг шарафи ҳақида Юҳанно биздан кўра кўпроқ ташвиш тортишини ва бизнинг чидамлилик деб аталган туйғуларимиз остида аслида ҳақиқатга бефарқлик ва ҳақиқий севгини тушунмаслик яширинган деган маънони билдиради»[54]. Ўз уйларининг эшикларини сохта устозларга очадиган масиҳийлар ёлғоннинг фалокатга элтувчи бузғунчилик кучини тўғри тушунмайдилар. Улар севгини ортиқча сертакаллуфлик билан адаштирадилар. Улар одамларни Худодан кўпроқ ҳурмат қиладилар. Улар ўзларини Ундан донишмандроқ деб биладилар. Масиҳдаги тавба қилмаган биродар ёки сингил Муқаддас Ёзув бизга яна гуноҳ билан яшайдиган масиҳийлар олдида ҳам ўз уйларимиз эшикларини ёпишимиз кераклигига ўргатади. Бундай вазият ҳақида Павлус шундай деб ёзади: Мен сизларга ўзини биродарингиз деб, зинокор, тамагир, бутпараст, ҳақорат қилувчи, майхўр ёки талончи бўлган киши билан алоқа килмасликни, ҳатто бундай одам билан бирга овқат емасликни ёзган эдим. Қолаверса, имонлилар жамоатидан ташқаридагиларни ҳукм этишга менинг нима ҳақим бор?! Уларни Худо ҳукм қилади. Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилсангиз, бас. Тавротда ёзилганидек: «Фосиқ одамни ўз орангиздан чиқариб ташланглар». 1 Кор. 5:11–13 Агар масиҳий, ҳатто маслаҳат ва огоҳлантириш олгандан кейин ҳам, ўз гуноҳида қатъий туришни давом эттирса, маҳаллий жамоат ўзининг гуноҳига тавба қилмаган бундай аъзоси билан мулоқотни тўхтатишга мажбур бўлади. Бу вазиятда биз ўзимизни худди ҳеч нарса бўлмагандай тута олмаймиз ва бу одамни уйимизга, масалан, тушликка таклиф қила олмаймиз. Гуноҳ бизларнинг у билан муносабатларимизни вайрон қилди. Аммо агар бу одам биздан маслаҳат сўраса, ёки биз билан ибодат қилишни хоҳласа — бу бошқа масала. Масиҳий учун Масиҳдаги сингил ёки биродар билан кундалик мулоқотни рад қилиш унча осон эмас. Бошқа масиҳий билан дастурхон атрофидаги мулоқотни рад қилишнинг жиддийлигини тушуниш учун, келинг, Павлус ва Бутрус ўртасида шу масала юзасидан пайдо бўлган баҳсни таҳлил қилайлик. Бутрус Антиохияда бўлган пайтида мажусийлардан чиққан масиҳийлар билан кўпинча бирга еб-ичиб юрган. Қуддусдан иброний масиҳийлар Бутруснинг собиқ бутпарастлар билан муносабатларини маъқулламаётганлари ҳақида хабар келганда, ҳаворий суннатчилардан хавотирланиб, ўзини четга олди, улар билан бир дастурхонда ўтириб овқатланмасликка қарор қилди ва мажусийлар билан алоқани узди (қаранг: Гал. 2:11–21). Шунда Павлус дарҳол бутпарастлардан чиққан масиҳийлар билан бирга овқатланишдан бош тортгани учун Бутрусга таъна тошларини ота бошлади. Чунки Павлус Бутрус масиҳийликка кирган бутпарастлар билан бирга овқатланишдан бош тортиб, Хушхабарга зарар етказди, деб ҳисобларди. Хушхабар уларнинг барчасини осмондаги Масиҳда бирлашган бир оила қилди. Шунинг учун Павлус, Бутрус ўз биродарлари ва сингиллари билан биргаликда овқатланишдан бош тортиб, Масиҳ ишига зарар етказяпти, деб ҳисоблар эди. 1 Кор. 5-бобини ва бошқа масиҳийлар билан мулоқотни инкор қилишни таҳлил қилиб, Ф. Ф. Брюс мана бундай жиддий изоҳ беради: Бирга овқатланиш… биродарлик ришталарини боғлаб турувчи энг муҳим иплардан бири эди. Масиҳийлик жамоатида бу тарздаги мулоқотнинг асосланмаган узилиши Хушхабар ҳақиқатини инкор қилишга тенг эди (қаранг: Гал. 2:11). Агар бундай узилиш учун асос бўлса (кўриб чиқилаётган вазиятдаги каби), унда бунга жуда жиддий қараш керак эди. Бу гуноҳ қилган жамоат аъзосига ўз хатосини англашга ва тавба қилишга ёрдам беришнинг энг ишончли усулларидан бири ҳисобланар эди (оригиналдаги курсив. — А. С.)[55]. Брюс таъкидлагани каби, бирга овқатланиш «биродарлик ришталарини боғловчи энг асосий иплардан бири бўлган». Сиз уйингизда ташкил қила оладиган тушлик ҳам худди шу сингари, масиҳийлик бирдамлиги, биродарлар ва Худо дунёси ўртасидаги севгининг ажойиб рамзидир. Шунинг учун бирга овкатланишдан бош тортиш жуда жиддий масаладир. Аммо гуноҳ барча яхши нарсаларни, ҳатто масиҳийлар ўртасидаги алоқани ҳам ҳаром қилади. Шунинг учун агар масиҳий ўз гуноҳида қатъий туриб олса ва гуноҳидан қайтмаса, биз ҳаракат қилишга мажбурмиз. Муқаддас Ёзувда айтилишича, биз бундай одам билан мулоқотда бўлмаслигимиз ва у билан бирга овқатланмаслигимиз керак (қаранг: 1 Кор. 5:11, 13; Мат. 18:17). Худонинг Ўзи билан боғланган бу сўзларни ҳозирги замон масиҳийларининг 99,9% инкор қилади. Муқаддас Китобнинг ана шу амрини бажармаслик учун биз минглаб сабабларни келтиришга тайёрмиз. Аммо бу амрга бўйсунмаслик кўп жамоатларни заифлаштирди ва ҳаром қилди, гуноҳ қилган кўплаб масиҳийларнинг руҳий жиҳатдан янгиланишига тўсқинлик қилди. Худо Масиҳ Танасининг гуноҳ қилган аъзоси билан қандай муносабатда бўлишни биздан яхшироқ билади. Биз буни била олмаймиз. Чунки доимо ўзимиз учун ҳам, гуноҳ қилган одам учун ҳам осон йўлни танлаймиз. Фақат бундай нозик ва жиддий муаммоларда Худо панд-насиҳатларига риоя қилибгина биз Худонинг мукаммал донишмандлигини англаб етишимиз мумкин. Келинглар, Худо Унинг сўзини бажараётганимизда бизга яшаш учун ишонч ва мардлик ҳадя қилиши учун ибодат қиламиз. Резюме: масиҳийлик меҳмондўстлигинингфарқли хусусиятлари 1. Меҳмондўстлик илк масиҳийликнинг фарқли хусусияти бўлган. 2. Масиҳийлик меҳмондўстлиги фазилат деб ҳисобланади. 3. Худо ҳар бир масиҳийдан меҳмондўст бўлишни талаб қилади. Меҳмондўстлик амри мавжуд ва унга риоя қилиш зарурдир (қаранг: Рим. 12:13; Ибр. 13:1–2). 4. Муқаддас Ёзув жамоат бошлиқларидан масиҳийлик меҳмондўстлигини кўрсатишни талаб қилади (қаранг: 1 Тим. 3:2) 5. Муқаддас Ёзув жамоат қўллаб-қувватлайдиган беваларнинг меҳмондўст бўлишларини талаб қилади (1 Тим. 5:10). 6. Масиҳийлик меҳмондўстлигини кўрсатиш — бу биродарларча масиҳийлик севгисининг амалий ифодаланишидир (қаранг: Ибр. 13:1–2). 7. Масиҳийлик меҳмондўстлиги алоҳида тарзда масиҳийлик севгиси оловини алангалатади. 8. Ҳар бир масиҳийча меҳмондўст бўлишга жон куйдириши керак (қаранг: Рим. 12:13). 9. Масиҳийлар қувонч билан меҳмондўстлик кўрсатишлари керак (қаранг: 1 Бут. 4:9). 10. Масиҳийча меҳмондўстликни кўрсатиш — қариндошларга, дўстларга ва қўни-қўшниларга Хушхабарни етказишнинг самарали усулидир (қаранг: Ҳавор. 5:42, 20:20; Лк. 5:29). 11. Масиҳийча меҳмондўстлик Хушхабарни тарқатиш ишида ёрдам беради. Чунки илтифотли уй эгалари Раббий элчиларига зарур бўлган ёрдамни кўрсатадилар (Лк. 10:7–8; 3 Юҳ. 5–8). 12. Масиҳийлик меҳмондўстлигини кўрсатиш — бу камбағал, муҳтож одамларга ва жамиятда ҳурматга нолойиқ деб ҳисобланадиганларга хизмат қилиш демакдир (қаранг: Лк. 14:12–14). 13. Масиҳийлик меҳмондўстлигини кўрсатиш — бу Худодан олинган ҳадя билан хизмат қилиш воситасидир (қаранг: 1 Бут. 4:10). 14. Масиҳийлик меҳмондўстлигини кўрсатиб, сиз кутилмаган мукофотни ва марҳаматни оласиз (қаранг: Ибр. 13:2). 5-боб. Фойдали маслаҳатлар: қандай қилиб меҳмондўстлик кўрсатиш керак Меҳмондўст бўлиш муҳим эканлигига ишонч ва бевосита меҳмондўстлик кўрсатиш — бу ҳар хил тушунчалардир. Кўп масиҳийлар ҳеч қачон назариядан амалий ишга ўтмайдилар. Қуйидаги амалий маслаҳатлар сизга ёки сизнинг жамоатингизга меҳмондўстлик амрларига риоя қилишни бошлашга ёрдам беришлари мумкин. Сизнинг вазиятингизда энг кўп мос келадиганини танланг: 1. Баъзи одамлар илҳомлари келганда осонлик билан уйларига меҳмон таклиф қила олишларини мен биламан. Аммо кўпчилик уйларига меҳмон келишини олдиндан режалаштиришлари керак. Уйингизга қанчалар тез меҳмон чақира олишингизни аниқлаб олинг: ҳар ҳафтада ёки ҳар ойда бир марта. Агар меҳмонларнинг ташрифларини ўз жадвалингизга киритмасангиз, унда шубҳасиз, ҳеч қачон яхши мақсадлардан ҳаракатга ўта олмайсиз. Сиз шундай дейсиз: «Бу муҳим. Муқаддас Китоб бизни меҳмондўст бўлишга ўргатади, бу бизнинг жамоатимизга ёрдам беради: бизнинг жамоатимиз янада иноқроқ ва бардамроқ бўлади». Аммо сиз меҳмонларнинг ташрифини олдиндан режалаштирмасангиз, унда кейинги ҳафтада ҳам жуда банд бўласиз — бир ҳафтадан кейин ҳам, икки ҳафтадан кейин ҳам. Шундай қилиб, сизда уйингиз эшикларини жамоатингиз аъзолари учун ёки сизнинг имонга келмаган дўстларингиз ва қўшниларингиз учун очиш имконияти пайдо бўлиши амри маҳолдир. Бироқ сиз ўз уйингиз эшикларини дўстларингиз ва танишларингиз учун очганингиздан қувонган пайтингизда, уларни ўз уйингизга тез-тез таклиф қилишни хоҳлаб қоласиз. 2. Сизга бир маслаҳат қилишга рухсат беринг: якшанбадаги тушлик пайти уйингизга бошқа художўйларни таклиф қилиш учун жуда қулай пайтдир. Якшанба куни эрталаб сиз ва бошқа масиҳийлар жамоатдаги хизматга йиғилгансизлар. Хизмат тугаганда эса тушлик пайти бўлади. Шунинг учун баъзи Масиҳдаги биродарлар ва сингилларни уйингизга таклиф қилиш ва улар билан мулоқотни давом эттириш мутлақо табиийдир. Рафиқам билан мен буни йигирма йилдан ортиқроқ вақтдан бери қиламиз. Мен шуни ишонч билан айтишим мумкинки, биз йилдан–йилга бундан кўпроқ ҳузур-ҳаловат оляпмиз. Агар якшанба куни тушликда бизникига ҳеч ким келмаса, биз руҳий ҳаётимизда ниманидир йўқотгандай ҳис қиламиз. Меҳмондўстлик кўрсатиш мен учун якшанба хизматининг жуда яхши якунидир. Аслида биз бошқа масиҳийлар билан учрашувларимизнинг давом этишига муҳтожмиз. Биз ўзимизни узоқроқ вақт бирлашган Худо оиласи каби ҳис қилишимиз керак. Бизда янги дўстлар топиш, руҳи тушганларга далда бериш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш ва эътиқодга янги кирганлар ҳақида ғамхўрлик қилиш имкони пайдо бўлади. Агар якшанба куни сиз кимнидир меҳмонга таклиф қилишни режалаштираётган бўлсангиз, бунга тайёргарликни шанба кунидан бошлашингиз зарур. Барча уй аъзоларингизни меҳмон келиши билан қизиқтиришга ҳаракат қилинг. Шундай қилсангиз, сиз болаларингизга жуда яхши намуна кўрсатган бўласиз. Агар меҳмонларни тушликка таклиф қилишнинг иложи бўлмаса, уларни кечки овқатга таклиф қилинг. Ўзингиз учун энг қулай вақтни танланг ва меҳмонларни мунтазам таклиф қилиб туринг. 3. Меҳмонга таклиф қилишингиз катта аҳамиятга эга бўлган одамларнинг рўйхатини тузиб олинг. Масалан, жамоатнинг янги аъзоларини меҳмонга таклиф қилиб, сиз уларга ўзларини жамоатингизнинг бир бўлаги деб ҳис қилишларига ёрдам берасиз. Сизнинг танишларингиз ичида меҳр-муҳаббатингизга муҳтож ёлғиз одамлар бор. Сизнинг бир таклифингиз жиддий қийинчиликларни бошидан кечираётган одамларга жуда зўр ёрдам бериши мумкин. Баъзи бир маънода сиз руҳий қийинчиликларни бошидан ўтказаётган одамларга фаришта бўлиб кўринасиз. Агар сиз жамоатингиз аъзолари рўйхатига қарасангиз, ундаги сизнинг меҳмондўстлик кўрсатиш воситасида намоён бўладиган севгингизга муҳтож одамларнинг қанчалар кўплигини кўриб ҳайрон қоласиз. Афсуски, сизнинг ёрдамингизга муҳтож одамлар доимо топилади. Сиз эса бугуноқ меҳмонлар рўйхатини тузишни бошланг. 4. Қўшниларингиздан кимни тушликка ёки сайрга таклиф қила олишингизни аниқлаб олинг. Ҳар бир қўшнингизни аниқ вақт ичида уйингизга таклиф қилишни режалаштиринг. Танишларингизнинг рўйхатини тузинг ва уларнинг ҳар бирини қачон таклиф қилишингизни ҳал қилинг. 5. Мактаб ёки меҳнат таътили пайтларида уйингизга меҳмонларни таклиф қилишни эсдан чиқарманг. Бу имонсиз дўстларингиз ва қўшниларингизни таклиф қилиш учун айниқса қулай вақтдир. Меҳмонлар рўйхатига меҳр-муҳаббатга ва руҳий илиқликка жуда муҳтож одамларни қўшиб қўйишни ҳам унутманг. 6. Оддий ва унча қиммат бўлмаган таомларнинг рецептларини йиғинг. Кўпчилик меҳмон кутишга кетадиган чиқимларни ўйлаб меҳмон кутишни ёқтирмайдилар. Аммо сиздан тўкин-сочин дастурхон билан меҳмонларда таассурот қолдиришингиз талаб қилинмайди ёки жамоатингиз аъзолари ўртасида «энг яхши уй эгаси» унвони учун курашишингизнинг ҳам зарурияти йўқ. Меҳмондўстлик кўрсатиш — бу ўз худбинлигингизни алангалатиш эмас, балки бошқаларга хизмат қилиш воситасидир. 7. Ташаббус кўрсатинг ва ўз уйингизда миссионерларни ёки Худонинг саёҳат қилиб юрган хизматчиларини қабул қилинг. Баъзи миссионерлик ташкилотлари миссионерлар саёҳатлари пайтида уларни мунтазам қабул қила оладиган одамларнинг рўйхатларини тузадилар. Шундай ташкилотни топинг ва сизни ҳам шу рўйхатга қўшиб қўйишларини илтимос қилинг. Мусофир воизлар сизнинг жамоатингиздан уйларига қайтаётганларида эса уларни уйингизга тушликка таклиф қилиш имкониятини қўлдан бой берманг. 8. Ўз жамоатингизда «меҳмондўстлик қўмитаси» деб аталадиган қўмита ташкил қилинг, токи бу қўмита жамоат аъзоларига нима сабабдан улар меҳмонларга илтифотли бўлиш муҳим эканлигини тушунтирсин. Агар сизнинг жамоатингизда меҳмондўст жамоат аъзоларини қўллаб–қувватлайдиган қўмита бўлмаса, доимо меҳмонларга илтифот кўрсатадиган бир нечта одамларгина шу ишни давом эттираверадилар. Кўпчилик меҳмондўст бўлишни ўрганиш учун ёрдамга ва таскинга муҳтождирлар. 9. Жамоатда меҳмондўстлик мавзусида якшанба машғулотларини ташкил этишга ҳаракат қилинг. Аниқ бир кунларда ўз уйларига меҳмонларни таклиф қиладиган кўнгиллилар қабулини эълон қилинг. Одамларга ёрдам ва маслаҳат таклиф қилишдан қўрқманг. Жамоатингиз аъзоларининг сонидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган якшанба кунлари ўз уйларига баъзи бир имонлиларни таклиф қиладиган оила ёки оилаларни тайинланг. Уй эгалари учун меҳмонга таклиф қилиш, айниқса, хурсанд бўладиган одамларнинг — бевалар, ёлғиз талабалар, жамоатнинг янги аъзолари ва бошқаларнинг рўйхатларини тайёрланг. 10. Одамларнинг ҳаёти билан қизиқинг! Улар билан ўзингизнинг муносабатларингизни қизиқарли, ёқимли ва фойдали қилиш учун уларга қандай саволлар бера олишингизни режалаштириб олинг. Джерри Джонснинг «201 Great Questions» китобини ўқинг. Меҳмонларингиздан улар Худога қандай эътиқод қилишларини сўранг. Агар улар турмушга чиққан бўлсалар, улардан турмуш ўртоқлари билан қандай танишганларини ва қандай турмуш қурганликлари ҳақида сўранг. Бир-биримиз ҳақимизда нақадар кам нарса билишимиз тўғрисида тушуниб, сиз жуда ҳайрон қоласиз! 11. Меҳмонларни қабул қилишда фаол бўлинг. Улар билан бирга ибодат қилинг, Муқаддас Ёзувни ўқинг, бир нечта мадҳияларни куйланг. Тушки овқатдан сўнг биргаликда сайр қилинг. Буларнинг барчаси сизни меҳмонларингиз билан, уларни эса бир-бирлари билан яқинлаштиради. 12. Сизга илтифотли уй эгаси бўлишга ёрдам бера оладиган китобларни ўқинг. Ўзларининг меҳмондўстликлари билан машҳур одамлар билан суҳбатлашинг. Сиз бу китоблар ва суҳбатлардан кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин. Жамоатингиз учун меҳмондўстлик ҳақидаги китобларни сотиб олинг. Қуйида шу мавзудаги китоблар рўйхати намуна қилиб келтирилган: Rachael Grabb, The Personal Touch: Encouraging Others Trough Hospitality (Colorado Springs: NavPress, 1990). Karen Burton Mains, Open Heart, Open Home (Elgin: David C. Cook Publishing Company, 1976). Grace Pittman, Hospitality with Confidence (Minneapolis: Bethany House Publishers, 1986). Doris W. Greig, We Didn’t Know They Were Angels: Hospitatity Even When It’s Inconvenient (Ventura: Regal Books, 1987). Бу китобда авлодлар томонидан текширилган деярли 300 та рецепт мужассам. Vivian Anderson Hall, Be My Guest (Chicago: Moody Press, 1979). Эдит Шеффер, Лябри. СПб.: Мирт, 2001. 13. «Меҳмонлар китоби» сотиб олинг ва кейин меҳмонларингиздан сизнинг уйингиз ҳақидаги таассуротларини унга ёзишларини илтимос қилинг. Ўтган йилларни ва сизнинг уйингизни дуо қилган барча одамларни эслаш — бу жуда катта ҳузур-ҳаловатдир. 14. Жамоат фаолларидан меҳмондўстлик мавзусида бир нечта машғулотлар ўтказишларини илтимос қилинг (ҳа, айтгандай, сиз меҳмондўст бўлишнинг зарурати ҳақидаги ваъзни қачон эшитгансиз?). Биз меҳмондўстлик амрларини самарали бажара олишимиз учун, бизнинг ҳаммамизга мунтазам равишда масиҳийлик севгиси ва меҳмондўстлиги ҳақида таълимотни эслатиб туриш керак. Биз жуда тез унутамиз, шунинг учун бу ҳақда доимо эслатиб туришларига муҳтожмиз. 15. Одамлар ўз ғоялари ва амалий тажрибалари билан ўртоқлаша оладиган ва меҳмондўстлик мавзусига бағишланган семинарни, эҳтимол, сизнинг жамоатингиз ўтказа олар. 16. Худо менга бу хизматда шодлик ато этсин, деб Унга ибодат қилинг. Ўз уйингиз эшикларини очишга тўсқинлик қиладиган худбинлигингизни, ғурурингизни ва итоатсизлигингизни тан олинг. Раббийдан, Сенинг Каломингда меҳмондўст бўлиш нима сабабдан шунчалар муҳим эканлигини менга кўрсат, деб илтимос қилинг. Шуни эсдан чиқармангки, Худо биз учун нима энг яхши эканлигини билади. Амалий машғулотлар 1-машғулот 1. «Тождаги олмос» бобида меҳмондўст бўлмаган масиҳийлар ҳақида учта ҳикоя келтирилган. Уларнинг қайси бири сизда кучлироқ таассурот қолдирди? Тушунтириб беринг: нима сабабдан бу ҳикоя сизга шунчалик таъсир қилди? Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси жавоб бериши керак. 2. Ўша учта воқеа тўғрисида яна бир маротаба ўйлаб кўринг. Уларнинг ҳар бирида масиҳийлар ўзларини қандай тутишлари керак эди? 3. Масиҳий меҳмондўст бўлиши керак, деб айта олишимиз учун иккита сабаб келтиринг. 4. Сиз 2-бобда Жамоатнинг оилавий хусусиятлари ҳақида ўқиганингизда, сизга энг катта таъсир қилган нарса нима? 5. Ўзингизнинг маҳаллий жамоатингизда ана шундай ишонч ва севги муҳитини яратиш учун сиз нима қила оласиз? 6. Ёзувдан масиҳийлик ҳаётида севгининг биринчи даражали муҳим аҳамиятини исботлайдиган иккита парча келтиринг. Ушбу парчаларда мавжуд бўлган таълимотни мустақил изоҳлаб беришга уриниб кўринг. 7. Агар масиҳийлик севгиси ҳақида сўз кетса, сизда иккинчи бобда энг катта таассурот қолдирган нарса нима? Ушбу бобни ўқиб, масиҳийлик севгиси ҳақида сиз нима билиб олдингиз? 8. Агар мунтазам равишда меҳмондўстлик кўрсатсангиз, ўзингиз эриша оладиган учтадан кам бўлмаган ҳузур-ҳаловатни санаб беринг. 9. Меҳмондўстлик кўрсатган одамларга сиз бера оладиган энг ками учта дуони санаб беринг. 10. Сиз нима деб ўйлайсиз: «Лос-Анджелес Таймс» газетаси мухбирининг маҳаллий жамоатдаги дўстлик ва севгини баҳолаш учун ўйлаб топган мезонлари (шкаласи) адолатлими? Ўз нуқтаи назарингизни изоҳлаб беринг. Нима сабабдан тушликка таклиф қилиш ана шундай юқори баҳоланган? 11. Оилавий ришталарга муҳтож одамларнинг рўйхатини тузинг: сизнинг меҳмонга таклиф қилишингиз фойда келтирадиган бевалар, талабалар ва маҳаллий жамоатингиздаги имонга янги кирганлар. Кейин эса уларнинг ҳар бирини қачон тушликка таклиф қилишингизнинг санасини ва вақтини белгиланг. 12. Сизнинг меҳмондўст бўлишингизга нима энг кўп халақит беради? Одатда меҳмондўст бўлмаган одамлар далил қилиб кўрсатадиган қуйидаги сабаблар рўйхатидан ўзингизга тааллуқли бўлган иккитасини танланг. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва меҳмондўст бўлиш ҳақида ўйлаб кўринг. • Вақтнинг етишмаслиги (бошқа жуда кўп ишлар бор) • Молиявий муаммолар • Яшаш шароитинг ёмонлиги • Худбинлик • Муваффақиятсизликка учрашдан қўрқиш • Тажрибасизлик • Тартиб–интизомнинг йўқлиги ва тарқоқлик (ёки ишларни режалаштира олмаслик) • Такаббурлик • Бошқа сабаблар 13. Сизнинг жамоатингизга биринчи марта келган одамлар сизнинг масиҳийча муҳаббатингизни ҳис қилишлари учун сиз нима қила оласиз? 2-машғулот 1. Джим Петерсон ўзининг меҳмондўстлиги Мариони масиҳий бўлишга ундаганини билиб, ҳайрон қолган эди (33-бетга қаранг). Қандай қилиб масиҳийларнинг меҳмондўстлиги одамларни Худога эътиқод қилишларига тайёрлайди? Джим Петерсоннинг оилавий ҳаётидаги Марионинг юрагига энг қаттиқ таъсир қилган нарса нима? 2. I аср масиҳийларининг уйлари Хушхабар тарқатишнинг маркази бўлган учта сабабни айтинг. 3. Шу сабаблар бугунги кунда ҳам борми? Ўз нуқтаи назарингизни изоҳланг. 4. Ўзингиз уйингизга тушликка ёки Муқаддас Китобни ўрганишга таклиф қилган яқин қўшниларингизнинг исмларини санаб ўтинг. Энди ўзингиз кейинги йил давомида уйингизга тушликка таклиф қилишни хоҳлаган барча қўшниларингизнинг рўйхатини тузинг. Бу одамлар ҳақида, ўзингизнинг мақсадингиз ҳақида ибодат гуруҳингиз аъзоларига ёки оила аъзоларингизга айтиб беринг. Энди ҳар ҳафтада шу қўшниларингиз ҳақида ибодат қилишни бошланг ва режа тузишга ҳаракат қилинг: шу режа асосида сиз уларнинг ҳар бирини уйингизга таклиф қиласиз. Чекинманг. Бу одамлар сизнинг ибодатингизга муҳтождирлар. 5. Байрамлар ёки дўстларингиз, қўшниларингиз учун қабуллар ташкил қила олишингиз мумкин бўлган бошқа алоҳида кунларнинг рўйхатини тузинг. Бундай байрамларда қандай қилиб дўстларингизга ёки қўшниларингизга Хушхабарни етказишингиз мумкин? 6. Ибодат қилиш, Муқаддас Китобни ўрганиш ёки мулоқотда бўлиш учун жамоатда эмас, балки уйда йиғилишнинг афзаллигига бешта сабаб келтиринг. 7. Сизнинг фикрингизча, илк масиҳийлар жамоат хизматлари ва Муқаддас Ёзувни ўрганиш учун нега махсус бинолар қурмаганликларининг амалий ва илоҳий хусусиятига эга бўлган бир нечта сабабларни сананг. 8. Овоз чиқариб Лука баён этган Хушхабарнинг 14-боб 12–14-оятларини ўқинг. Бу парчадаги нима сизнинг масиҳийча меҳмондўстлик ҳақидаги фикрингизни ўзгартириши ва ўйлашга мажбур қилиши мумкин? 9. Меҳмондўстликни масиҳийлар қандай тушунишлари ва уни дунё қандай тушунишнинг фарқи нимада? Карен Мэйнснинг «Open Heart, Open Home» китобидан олинган қуйидаги фикр, эҳтимол, сизга ёрдам берар: Дунёвий меҳмондўстлик — даҳшатли алоқалардир. Унинг манбаи инсоний такаббурликдан иборатдир. Меҳмондўстликнинг бу кўринишида сиздан ҳамма нарсада мукаммал бўлиш талаб қилинади. Нима бўлишидан қатъий назар, сиз яхши таассурот қолдиришингиз керак. Ва бу шафқатсиз талаблар сизни ўзига қул қилади. Масиҳийлик меҳмондўстлиги эса, аксинча, сизга озодлик беради. Дунёвий меҳмондўстлик ташкил қилиб, уй эгаси меҳмонларда ўзининг ажойиб уйи, ҳашаматли жиҳозлари ва тансиқ таомлари билан таассурот қолдирмоқчи бўлади. Масиҳийча меҳмондўстликни кўрсатиб уй эгалари хизмат қиладилар. Улар: «Бу уй бизники эмас. Аслида бу уй Масиҳнинг ҳадяси. Биз Унинг хизматчиларимиз ва бу уйдан У хоҳлаганидай фойдаланамиз», — дейдилар. Масиҳийлик меҳмондўстлигини намоён қилиб, улар одамларда таассурот қолдиришни эмас, одамларга хизмат қилишни хоҳлайдилар. (Elgin: David C. Cook Publishing Co., 1976, p. 25.) 10. Сизнинг уйингизда миссионер ёки воизнинг бўлиши сизга марҳамат келтиришининг иккита сабабини айтинг. 11. Миссионерлар ва сайёҳ воизлар қандай муаммоларга дуч келишлари мумкин? Шунда улар, эҳтимол, нимадандир воз кечишларига тўғри келар? 12. Меҳмондўст уй эгаси ўз уйларидан узоқда бўлган миссионер ва воизларга ҳақиқий ёрдам бера олиши мумкин, деган фикрни исботлайдиган иккита далил келтиринг. 13. Агар сиз ўз жамоатингизда ваъз ўқишлари учун воизни ёки Муқаддас Китоб устозини таклиф қилсангиз, уларга илтифот кўрсатиш учун ва бу ташрифга кетган вақтлари ва маблағларини тўлаш учун сиз нима қила оласиз? 14. Меҳмондўстлик ҳақида Эски Аҳдда нима дейилган? Қуйидагиларни ўқинг: Лев. 19:10, 33–34; Амр. 10:18–19; 24:19–21; Аюб. 31:32. 3-машғулот 1. Меҳмондўстлик ҳақида сўз юритиладиган олтита Муқаддас Китоб парчасидан қай бири сизни меҳмонларга илтифот кўрсатиш учун кўпроқ ундади? Нима сабабдан? (Муқаддас Китобдан олинган олтита парча 45-бетда келтирилган). 2. 4-бобда келтирилган меҳмондўстлик ҳақидаги иккита Муқаддас Китоб парчасини ёд олинг. Уларни ибодат гуруҳингиздаги ёки оилангиздаги биронтасига айтиб беринг. Бу жуда осон топшириқ, чунки бу парчалар жуда қисқа. Балки, сиз уларнинг ҳаммасини ёдлаб оларсиз! 3. Рим. 12:13-оятини ўз сўзларингиз билан изоҳлаб беринг. 4. Сизнинг фикрингизча, меҳмонларга илтифот кўрсатиб «ўз вужудингизни тирик, муқаддас Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар» ва «бу дунёга уйғунлашманглар, Худонинг манзур, комил иродасини нима эканлигини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар» (қаранг: Рим. 12:1–2) даъватини қандай бажариш мумкин? 5. Ҳар қандай маҳаллий жамоатнинг энг катта муаммоларидан бири — бу унинг аъзолари орасида чиқадиган жанжаллардир. Жамоат аъзолари бир-бирларига меҳмондўстлик кўрсатишга ундаб, уларнинг ўзаро муносабатларини қандай яхшилаш ва жанжаллар сонини камайтириш мумкин? 6. Инсонлар орасидаги муносабатлар ҳақидаги амрларни ўқиб, сиз масиҳийлик ҳаёти ва маҳаллий жамоат хусусиятлари ҳақида қандай янги нарсаларни билиб олдингиз (қаранг: 1 Бут. 4:9)? 7. Бутруснинг фикрича, меҳмондўстлик кўрсатиш ҳақидаги сизнинг фикрингиз қанақа бўлиши керак? 8. Тушунтириб беринг: қандай қилиб уйингиз сизнинг маънавий истеъдодларингизни намоён қила оладиган жой бўлиши мумкин? (54–55 бетларга қаранг). 9. Нима сабабдан худбинлик масиҳий учун гуноҳ саналади? 10. Сизнинг меҳмонларингиз сизни қандай дуо қилдилар? Аниқ мисол келтира оласизми? 11. Нима деб ўйлайсиз: Фиванинг Римга келиши билан боғлиқ воқеадан Павлус Рим масиҳийларидан нимани кутди (қаранг: Рим. 16:1–2)? 12. Мат. 25:34–36, 40-оятлар сизга ўз вақтингизни қандай сарфлашингиз ва ўз уйингизга қандай муносабатда бўлишингиз кераклиги ҳақидаги фикрингизни тубдан ўзгартиришини тушунтириб беринг. 13. Муқаддас Китобга мувофиқ жамоат йўлбошчисидан меҳмондўст бўлиш талаб қилиниши керак бўлган учтадан кам бўлмаган сабаб келтиринг. 14. 1 Тим. 5:9–10да сўз борадиган намунавий масиҳий беванинг асосий хусусиятларини санаб беринг. У сиз учун аниқ нимада намуна бўлиши мумкин? 15. Биз Муқаддас Ёзувга мувофиқ, биронтасига меҳмондўстликни рад қилишимиз керак бўлган бир-иккита ҳолатни аниқ тасвирлаб беринг. Нима сабабдан сиз учун муносабатда бўлишингиз керак бўлмаган одамларга тааллуқли кўрсатмаларни аниқ тушуниш муҳим (қаранг: 2 Юҳ. 10–11)? 16. Муқаддас Ёзувда шундай дейилган: агар художўй одам онгли равишда ўз гуноҳида қатъий туришни давом қилса, бошқа художўйлар бундай одам билан муносабатни тўхтатишлари керак ва «бундай одам билан ҳатто бирга овқатланмаслиги ҳам керак». Сиз нима деб ўйлайсиз: гуноҳига тавба қилмаган одамга илтифот кўрсатишдан сизнинг бош тортишингиз қандай мақсадга хизмат қилади? 17. Масиҳийча севги ва сертакаллуфлик ўртасида қандай фарқ бор? 18. 5-бобдан ўзингиз амалда қўллашингиз мумкин бўлган учта маслаҳатни танланг. Ўз фикрларингиз билан гуруҳингиздаги одамлар, дўстларингиз ва ёки оилангиз аъзолари билан ўртоқлашинг. Изоҳлар 1. Mortimer Arias, «Centripital Mission of Evangelization by Hospitality», Missiology: An International Review 10 (1982), p. 69, 70. 2. 1 Clement 1.2, in Ancient Christian Writers, eds. J. Quasten and J. C. Plumpe, trans. James A. Kleist (Westminster, MD: Newman, 1961), 1:9. 3. Adolf Harnack, The Expansion of Christianity in the First Three Centuries, 2 vols., trans. James Moffat (London: Williams and Norgate, 1904), 1:222, 223. 4. Theological Dictionary of the New Testament, s. V. «xenos», by Gustav Stahlin, 5 (1967):23. 5. Philip Edgcumbe Hughes, A Commentary on the Epistle to the Hebrews (Grand Rapids: Eerdmans, 1977), p. 106. 6. Там же, p. 562. 7. Жамоат отаси бўйича ишлар тадқиқотчиси, Германиядаги Католик жамоатлар кординали Йозеф Ратцингер (ҳозирги пайтда Рим папаси Бенедикт XVI — Тарж. изоҳи.) шундай дейди: «Милодий III асрга келиб «биродар» сўзи «масиҳий» сўзига синоним сифатида тобора камроқ қўллана бошлади… Бу ҳолат жамоат ҳаётини ўзида гавдалантирган жамоат хизматчилари (клир аъзолари) ва зоҳидлар (монахлар) жамияти аъзолари орасида биродарлик тушунчасини торайтириш ғояси пайдо бўлишига олиб келди. Шуни биламизки, бундай ҳолат бизнинг давримизгача сақланиб қолди ва ҳеч қандай салбий оқибатларини қолдирмади» (The Meaning of Christian Brotherhood (San Francisco: Ignatius, 1993), p. 39–40). 8. C. S. Lewis, The Four Loves (New York: A Harvest/ HBJ Book, 1960), p. 114. 9. Edwin Hatch, The Organization of the Early Christian Churches (London: Logmans, Green, and Company, 1901), p. 44. 10. Hughes, A Commentary on the Epistle to the Hebrews, p. 562. 11. Francis A. Schaeffer, The Mark of the Christian (Downers Grove: InterVarsity, 1970). 12. Tertullian, Apology 39.7, in The Fathers of the Church, ed. Joseph Deferrati, trans. Rudolph Arbesman, Sister Emily Joseph Daly, and Edwin A. Quain (Washington: The Catholic University of Amerika, 1950), p. 99. 13. The Octavius of Marcus Minucius Felix 9, in Ancient Christian Writers, eds. Johannes Quasten, Walter J. Burghardt, and Thomas Comerford Lawler, trans. G. W. Clarke (New York: Newman, 1974), p. 64. 14. B. B. Warfield, «The Emotional Life of Our Lord», in The Person and Work of Christ (Philadelphia: Presbyterian and Reformed, 1950), p. 104. 15. John R. W. Stott, «The Unforbidden Fruit», Christianity Today (August 17, 1992), p. 34. 16. James Moffat, Love in the New Testament (London: Hodderr and Stoughton, 1929), p. 244. 17. Чарлз Колсон. Рождённый заново. СПб.: Кредо, 1997. С. 391. 18. Abraham J. Malherbe, Social Acpekts of Early Christianity (Baton Rouge, LA: State University Press, 1977), p. 67. 19. Gene and Nancy Preston, «A Friendly Church is Hard to Find», Christian Centry, (January 30, 1991), p. 102–103. 20. Thomas S. Gosin II, The Church Without Walls (Pasadena: Hope Pub. House, 1984), p. 68. 21. Conversations with Luther: Table Talk, trans. and ed. Preserved Smith and Herbert Percival Gallibger (New Canaan, CT: Keats Publishing, Ibc., 1979), p. XII. 22. Mishael Green, Evangelism in the Early Church (Grand Rapids: Eerdmans, 1970), p. 236 23. Ўша ерда, р. 207. 24. Ўша ерда, р. 223. 25. Roberd and Julia Banks, The Home Church (Sutherland, Australia: Albatross Books, 1986), p. 64. 26. Jim Peterson, Evangelism as a Lifestyle (Colorado Springs: NavPress, 1980), p. 96, 97. 27. Ўша ерда, р. 107. 28. Бу идиома «Х эмас, Y» тамойилига кўра қурилган. Масалан, Ос. 6:6 да қуйидагиларни ўқиймиз: «…Зеро Мен қурбонликларни эмас, меҳр-шафқатни истайман, куйдирилган қурбонликларни эмас, Худони таниб билишингизни афзал кўраман». Бу шуни билдирадики, Худо Ўзи амр қилган куйдирилган қурбонликларни бошқа хоҳламаслигини англатмайди, балки бизнинг итоаткорлигимиз ва Унинг йўлларини билишимиз, аввало, Унга маъқул бўлишини биз кўришимизни билдиради. 29. Эдит Шеффер. Лямбри. Спб.: Мирт, 2001. 30. William Barclay, The Letter to the Hebrews (Philadelphia: Westminster, 1957), p. 219. 31. Everett Ferguson, Backgrounds of Earle Christianity (Grand Rapids: Eerdmans, 1987), p. 66, 67. 32. J. W. Jowett, The Redeemed Family of God, Studies in the Epistles of Peter (N. Y.: Hodder and Stoughton), p. 168. 33. Синодал Муқаддас Китобда «(уларни) қўйиб юбормоқ» деб таржима қилинган юнонча propemro сўзи, қуйидагича маъноларни инглатади: (а) «кимнидир кузатиб бориш ёки кузатиб қўймоқ» (қаранг: Ҳавор. 20:38; 21:5), ёки бўлмаса қуйидагидай ҳолатни, «муносиб тарзда йўлга отлантириш» (қаранг: 3 Юҳ. 6; Тит. 3:13; Ҳавор. 15:3; Рим. 15:24; 1 Кор. 16:6, 11; 2 Кор. 1:16). Сафарда бўлган масиҳий хизматчиларга ёрдам бериш зарурлиги тўғрисидаги фикр Титус 3:13–14 да аниқ ифодаланган: «Қонуншунос Зинас ва Аполлосни йўлга отлантираётганингда, уларнинг кам-кўстсиз жўнашларига эътибор қил. Бизнинг одамларимиз ҳам самарасиз кун кечирмасдан, зарурий эҳтиёжларини қондириш учун яхши ишлар қилишни ўргансинлар». Титус ва Критдаги авлиёлар Худонинг хизматчилари учун керак нарсалар тўғрисида ташвиш қилишлари керак эди. Агар Зина ва Аполлос бу Мактубни олиб келган бўлсалар, Титус уларга меҳмондўстлик қилиши, уларнинг сафарларида керак бўладиган ҳамма нарсани тайёр қилиб бериши керак эди. Чинакам масиҳийча севги инсонларнинг заминий муаммоларини инкор қилмайди. Шубҳасиз, agape севгиси мана шундай «заминга тушган» нарсаларга астойдил хизмат қилади (яна қаранг: Флм. 22). 34. Mary Drewery, William Carey (Grand Rapids: Zondervan, 1978), p. 46. 35. Stephen F. Olford, «Christian Hospitality», Decision (March 1968), p. 10. 36. Leon Morris, Testaments of Love (Grand Rapids: Eerdmans, 1981), p. 267. 37. C. E. B. Cranfield, Romans: A Shorter Commentary (Grand Rapids: Eerdmans, 1985), p. 308. 38. V. A. Hall, Be My Guest (Chicago: Moody, 1979), p. 9 дан цитата. 39. Leon Morris, The Epistle to the Romans (Grand Rapids: Eerdmans, 1988), p. 448. 40. C. K. Barrett, The Pastoral Epistles, Harper’s New Testament Commentaries (New York: Harper and Row, 1957), p. 240. 41. F. Godet, The Epistle to the Romans (New York: Funk and Wagnalls, 1883), p. 436. 42. R. C. H. Lenski, The Interpretation of St. Paul’s Epistle to the Romans (Minneapolis: Augsburg, 1936), p. 772–773. 43. Godet, The Epistle to the Romans, p. 436. 44. John Murray, The Epistle to the Romans, The New International Commentary on the New Testament (Grand Rapids: Eerdmans, 1959), p. 133. 45. Robert Haldane, Exposition of the Epistle to the Romans (Edinburgh: William Oliphant and Company, 1874), p. 569. 46. C. E. B. Cranfield, The First Epistle of Peter (London: SCM., 1950), p. 95. 47. Эдвард Гордон Селвин Бутруснинг Биринчи Мактубига ёзган шарҳида, 1 Бут. 4:9 ояти сайёҳ воизларга алоқадор, деб ҳисобламайди. У шундай ёзади: «Бутруснинг сўзи бу ерда контекстни ва «бир-бирига» ифодасини назарда тутиб, қандайдир «хонаки» оҳангга эга бўлади. Ҳаворий масиҳийлар жамиятидаги оддий ҳаёт тўғрисида гапиради. Бу жамиятда имонлиларнинг доимий учрашувлари Жамоат аъзоларининг уюшганлигини сақлаб қолиш ва гувоҳлик олиб бориш учун муҳим эди, шунингдек, жамоатхона бинолари йўқлиги сабабли, масиҳийларнинг уйлари имонлилар Худога хизмат ўтказадиган марказ эди» (The First Epistle of St. Peter (London, Macmillan., 1946), p. 218). 48. Nathan D. Smit, Roots, Renewal and the Brethren (Pasadena: Hope Publishing Company, 1986), p. 9. 49. B. F. Westcott, The Epistle to the Hebrews (1892; repr. Grand Rapids: Eerdmans, 1973), p. 430. 50. Русча Синодал таржимасида ҳам «меҳмондўстлик» сўзи айнан шундай қилинган. — Изоҳ тарж. 51. Philoxenia сўзи «меҳмондўстлик» сўзи каби Baur-Arndt-Gingrich-Danker, A Greek-English Lexicon of the New Testament and Other Early Christian Literature луғатида таржима қилинган. Philoxenia сўзи икки қисмдан иборат: «севувчи» маъносини анлатувчи philos, ва таржима қилинганда «меҳмондўстлик» ёки «дўстона муносабатлар»ни англатувчи xenia сўзидан ташкил топган. Юнон тилида кўплаб сўзлар philos ўзагини ташкил қилади. Масалан, philosophy сўзи «донишмандлик» маъносини англатувчи philos ва sophia сўзларидан иборат. Шунинг учун «фалсафа» сўзи «донишмандлик севгиси» деб таржима қилинади. Гарчанд қуйидаги мураккаб сўзда диққат xenia от туркумига қаратилган бўлса-да, шу нарса яққол аён бўладики, кўпинча Муқаддас Китоб парчаларида учрайдиган philoxelinia сўзини биз оддийгина қилиб «меҳмондўстлик» деб таржима қилишимиз керак» (қаранг: Рим. 12:13; 1 Бут. 4:9) (фикр Муқаддас Китобнинг ингизча таржимасига асосланган. — Изоҳ тарж.). Мадомики, xenia сўзи ҳам, xenos сўзи ҳам ўзакдош экан, яъни «сайёҳ» маъносини ифодалар экан, баъзилар philoxenia сўзини «сайёҳларга бўлган севги» деб таржима қиладилар (биз «меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар» деган иборани учратган русча Синодал таржимада ҳам худди шундай қилинган. — Изоҳ тарж.). Бу ғоя маълум тарзда ушбу сўзда мавжудлигига қарамай, вақт ўтиши билан philoxena сўзи кенг маънода «меҳмондўстлик» маъносини англатадиган бўлди. Xenia сўзи камдан-кам «меҳмонхона» ёки «ижарага берадиган хона» маъносида Янги Аҳднинг фақатгина Ҳаворийлар 28:23 да ва Флм. 22-бобида учрайди. Кўпинча бу сўз «меҳмондўстлик» маъносида қўлланади. 52. Henri Alford, The Greek New Testament, 4 vols. (5th ed., London: Rivingtons, 1871), 3:261. 53. William Kelly, An Exposition of the Epistle to the Hebrews (1905; repri. Ed., Charlotte, NC: Books for Christians, n. d.), p. 259. 54. J. M. Boice, The Epistles of John (Grand Rapids: Zondervan, 1979), p. 204. 55. F. F. Bruce, 1 and 2 Corinthians, New Century Bible (London: Oliphants, 1971), p. 58–59.