Ханна Харвард СЕНИНГ ЧЎҚҚИЛАРИНГ ТОМОН ЙЎЛ Эгам Раббий менинг қудратимдир, У оёқларимни кийик оёқларидай қилар, Чўққилар узра мени юрғизар. Ҳавақ. 3:19 Мажозий асарга кириш сўз Биз Фаластиндаги бизга васий бўлган шаҳарда эдик. Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқир эдик. Бир куни эрталаб ёшгина ҳамшира араб қизи «Шу куннинг ёруғлиги» китобидан «Сулаймоннинг гўзал қўшиғи» парчасини ўқиб берди: «Севгилимнинг овози эшитиляпти, ана қаранглар, у келяпти, тоғлар оша, қирлар оша ўтиб келяпти» (Қўшиқ 2:8). Бу мисралар нимани англатишини қиздан сўраганимда, у бошини кўтариб, кўзлари бахтиёрликдан ёниб деди: «Ушбу мисраларнинг маъноси шуки, Нажоткоримизнинг меҳрига, севгисига тўсқинлик қила оладиган ҳеч қандай ғов йўқдир. У учун машаққатлар тоғи текис асфальт йўлга ўхшайди». Гаризим тоғининг этагидаги биз яшаётган уй орқасидаги боғдан туриб, ғоят гўзал бир эпчиллик билан тошдан тошга сакраётган, қоялардан юқорига интилаётган жайронларни тез-тез кузатар эдик. Уларнинг ҳаракатлари шунчалар гўзал, айниқса, куч талаб қилмайдиган енгил эдики, мен бундай ҳаракатни кам учратган эдим. Биз, Севги Худосини севувчилар ва Унга эргашувчилар, машаққат тоғларини ва ҳаёт синовлари, қарама-қаршиликларини ҳам чаққонлик билан енгиб, ўтиш учун бизга куч ато қилинишини чин дилдан хоҳлаймиз. Ғалабага элтувчи ҳаёт сўқмоқлари сирини билиш Худони севувчи барча авлодларнинг юракдаги доимий хоҳишларидир. Севги юксакликларида яшаш имкониятига эга бўлиш, бу ҳаётда ғалаба нашидасини суриш учун бор-будимизни беришга тайёрлигимизни ҳар биримиз сезамиз. Ғазаб, ғам-андуҳ, қайғу ва жамики қийинчиликларни рад қилиш, булар устидан ғолиб бўлиш, «яхши» томонга ўзгартириш лозим, токи Барҳаёт Худога ҳамду санолар айтадиган бўлайлик. Биз масиҳийлар сифатида шуни биламизки, Худонинг болалари ҳаётида иккинчи даражали сабаблар бўлмайди. Худойимиз ва Нажоткоримиз бизга имкониятлар бериши, қадам-бақадам бизга ҳамроҳ бўлиши, Ўзининг гўзал томонини бизга зоҳир қилиши учун энг адолатсиз, шафқатсиз азобларга ҳам дучор бўламиз. «Сулаймоннинг гўзал қўшиғи» ҳар бир инсон қалбида яшаётган қуйидаги хоҳиш-истакни ифодалайди: Худойимиз билан бирлашиб, асло нуқсонсиз ҳолатда, У билан бирлашиш нашидасини ҳис қилиш. Худо бизни ўзи учун яратган, шунинг учун юракларимиз Уни топмагунча, Унга етишмагунча собит бўлмайди, қониқмайди. Худо шуни истайдики, Унинг болаларидан баъзилари бу теран бирлашишга инсоний севги орқали табиий равишда эришсинлар. Бошқа бировларига эса ўзларидаги ягона истак — оила қуриш ва ота ёки она бўлиш бахтини ато қилади. Инсон қалбининг энг тўридан жой олган бу ажойиб севги орқали биз Худонинг Ўзини бошқа ҳар қандай нарсалардан кўпроқ севишни ва хоҳлашни ўрганамиз. Аммо биз ғалаба ва севги Чўққиларига иродамизни бой бериб ёки ўзимизнинг «мен»имизни аллақандай гуноҳларга булғаб эриша олмаймиз. Ягона йўл — Худо таъқиқламайдиган ҳақиқий шартларга ва синовларга ҳар кун итоат этиб боришни ўрганишдир. Ҳар доим, муттасил равишда ўз хоҳиш-иродамиздан воз кечиб, Худонинг хоҳиш-иродасига итоат этганимизда, биз бирга яшайдиган ва ёнма-ён ишлайдиган одамлар кўринишида Унинг хоҳиш-иродаси намоён бўлади. Биз ҳар доим Худонинг хоҳиш-иродасига итоат этганимизда, бу қурбонликка айланади. Ҳар сафар ўз хоҳишимиздан воз кечиб, Унинг хоҳиш-иродасига итоат этар эканмиз, бу ҳаракатимиз — Худо болаларини ердаги ҳаёти давомида олиб чиқмоқчи бўлган Чўққилар сари қўйган бир қадамимиздир. Қандай қилиб фосиқликка дучор бўлиб қолишимиз ва ундан халос бўлишимиз мумкин? Қўлимиздаги китоб ана шунга ва бошқа кўп нарсаларга — ғам-қайғуга рўбарў бўлишимиз ва оқибатда буларнинг барчаси қимматлироқ бир нарсага айланишини тушуниб етишимиз, Севги Худосини бошқатдан танишимиз учун Унга қувонч билан итоат этишни ўрганишимиз, У билан чин дилдан алоқа ўрнатишимизга ва ҳ.ларга бизни ўргатади. «Чўққилар» ва «кийик оёқлари» оламдан ўтгандан кейинги самовий чўққилар эмас, балки Худо бизга кўрсатган йўлдан борган Худо болаларининг шонли тажрибасидир. Балки Худо бу мажоздан ғам-кулфат, азоб тортаётган ёки нурни кўрмай, зулмат қаърига кетаётган ё ўзларини бўронларда қолиб кетиб нурни кўрмаётгандай ҳис қилаётган Ўз болаларига тасалли бериш учун фойдаланмоқчидир. Бу мажоз уларга бўлиб ўтаётган воқеаларнинг бошқача талқинини ҳам қўрсатиб беради. Чунончи, улар бошидан кечираётган ушбу синовлар ажойиб жараённинг бир қисми, холос. Довуд билан Иброҳим бу ҳис-туйғулар туфайли «Худо оёқларимни кийикнинг оёқларидай қилар, Чўққилар узра мени юрғизар» (Забур 14:34) деб ундаганидай, Ўз болаларининг ҳаётда бошдан кечирганларини ҳақиқатга айлантиради. БИРИНЧИ ҚИСМ «Оқшом йиғи ҳукмрон бўлади» Забур 29:6 1-боб. Чўққилар сари ташриф Бу ҳикоя Вой-Қўрқаман қандай қилиб ўз қариндоши Қўрқувникидан қочиб кетгани, Чўпон билан Беназир муҳаббат Қўрқувни қувиб чиқариб, Чўққилар сари жўнагани ҳақида баён қилади. Вой Қўрқаман бир неча йилдан буён Бош Чўпоннинг хизматида эди. Бош Чўпоннинг сон-саноқсиз суруви Хўрланиш водийсида ўтлаб юрарди. Вой Қўрқаман ўз дўстлари Мурувват ва Сокинлик билан Хавотирлик қишлоғидаги кичкина оқ уйчада тинчгина яшарди. Вой Қўрқаман ишини яхши кўрар, Бош Чўпоннинг ҳурматига сазовор бўлишга ҳаракат қиларди. Аммо Вой Қўрқаман бахтли кўринса-да, унга ишлашга ҳалақит берадиган, яширинча азоб берадиган кўп нарсалар борлигини ҳис қилар эди. Вой Қўрқаманнинг оёқлари қийшиқ бўлиб, у юрганда тез-тез қоқилиб кетар, оқсоқланар, ишлаётганда эса йиқилиб тушарди. Ундаги яна бир хунук нуқсон — оғзи қийшиқ бўлиб, нутқини ва юз кўринишини бузиб турарди. Бу нуқсонлар унинг Буюк Чўпон хизматида эканлигини билганларда ажабланиш пайдо қилишини, кўпчиликнинг гўзаллик ҳақидаги туйғуларини ҳақоратлашини унга қайғу билан эслатиб турар эди. У бу камчиликлардан қутулишни чин дилдан истарди, Чўпоннинг бошқа хизматкорлари каби гўзал, кучли, қадди-қомати келишган бўлишини истарди. Айниқса, у ҳаммадан ҳам Бош Чўпонга ўхшашини юрагининг туб-тубидан хоҳларди. Лекин у «Бу нуқсонларимдан асло қутула олмасам керак, бу нуқсонларим келгусидаги ҳаётимда ҳар доим ҳалақит беради», деб жуда қўрқарди. Унинг ҳаётида бундан ҳам каттароқ кулфат бор эди: у Қўрқувлар оиласининг аъзоси эди! Вой Қўрқаманнинг қариндошлари бутун водий бўйлаб ёйилиб кетган, у эса ўз қариндошларидан ҳеч қаерга қочиб беркина олмасди. Вой Қўрқаман ёшлигидан етим қолган, камбағал холаси Мудҳиш Сезги хонимникида икки холаваччаси билан катта бўлганди. Холаваччалари Қовоғи солинган ва Ғазабнокдан ташқари, уларнинг тўнғичи Қўрқув ҳам улар билан бирга яшарди, Қўрқув Вой Қўрқаманни азоблашдан ҳеч ҳам чарчамасди. Хўрланиш водийсида яшайдиган бошқа оилалар сингари барча Қўрқувлар ҳам Бош Чўпонни ёмон кўришар, Унинг хизматкорларига зарар етказишга ҳаракат қилишарди. Табиийки, уларнинг оила аъзоларидан биттаси Бош Чўпонникида хизмат қиладиган бўлса, ҳамма қариндош-уруғлар учун ҳақорат эди. Шунинг учун ҳаммалари Вой Қўрқаманни қандай қилиб бўлса ҳам, «қутқариб» олишга, бу хизматни тарк этиш учун мажбур қилишга уринишарди. Ниҳоят, кунларнинг бирида қариндош-уруғлар биргаликда Вой Қўрқаманга оғир бир шарт қўйишди: «Тез кунларда холаваччанг Қўрқувга турмушга чиқасан, оиламизнинг бошқа аъзолари каби яшайсан. Агар яхшиликча рози бўлмасанг, куч ишлатамиз». Бечора Вой Қўрқаман бу гапни эшитиб даҳшатга тушди. У қариндошлари олдида ҳар доим қўрқувдан титраб турар, уларнинг таҳдидларига қарши чиқишга, талабларини рад этишга ўрганмаган эди. Бечора қиз қариндошлари олдида қўрқувдан титраб, Қўрқоққа турмушга чиқмаслигини қайта-қайта такрорлади. Лекин қариндошлари Вой Қўрқаманникидан кетишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Бу ёқимсиз суҳбат узоқ чўзилди. Ниҳоят, кеч тушиб қолганда, ҳаммалари уйларига кетишди. Ҳаммалари кетганларидан кейин, Вой Қўрқаман енгил нафас олди. Бу пайтда Бош Чўпон Ўз подасини қишлоқ четидаги шаршарага — ажойиб ҳовузга суғориш учун олиб боришини эслаб қолди. Вой Қўрқаман ҳар куни эрталаб ўша ерга борар, Бош Чўпон билан учрашиб ундан турли амрлар олар, Унинг хоҳиш-иродасини билиб оларди. Кечқурунлари эса кун бўйи қилган ишларининг ҳисоботини берар эди. Вой Қўрқаман ҳозир ўша ҳовуз бўйига Бош Чўпон билан учрашувга бориши лозим эди. «Бош Чўпон менга ёрдам беради, қариндошларим мени қуллик гирдобига — Қўрқув билан турмуш қуришга мажбур қилаётган эканлар, албатта Бош Чўпон бунинг олдини олади», деб чин дилдан ишонарди. Кўз ёшларини ҳам артмасдан, қўрққанидан титраб, уйчасининг эшигини ёпди ва шаршара томонга йўл олди. Вой Қўрқаман қишлоқдан чиқиб, далани кечиб ўтаётганда, сокин ой нурлари Хўрланиш водийсига заррин нурларини сочиб турар, водийни Шарқ томондан ўраб турган тоғлар қирмизи тусга кирган, тоғларнинг тубсиз, тор жарликларида ғаройиб, сирли соялар ўйнаб юрарди. Вой Қўрқаман ана шундай сокин, жимжит кеча оғушида кетарди. Ниҳоят, у ҳовуз бўйига келди. Бош Чўпон уни кутиб турган эди. Вой Қўрқаман Бош Чўпонга бугун бошидан ўтказган даҳшатли воқеани айтиб берди. «Мен нима қилай? — деб сўради у. — Бу шум тақдирдан қочиб қутула оламанми? Улар мени мажбурлаб Қўрқоққа турмушга бера олмайдилар-ку! Вой Худойим!» Бечора қиз Қўрқоққа турмушга чиқишини эслаб, кўзлари жиққа ёшга тўлди, юрагида оғир дард пайдо бўлди. «Исмим Вой Қўрқаман бўлганини ўзи етарли менга! Аммо умримнинг охиригача Қўрқувнинг хотини бўлишимни ўйласам… йўқ-йўқ, бунга менинг кучим етмайди». «Қўрқма, — деб гап бошлади мулойим овоз билан Бош Чўпон. — Сен Менинг хизматимни қиляпсан. Агар сен Менга ишонсанг, улар сенинг хоҳишингга қарши бориб, турмушга бера олмайдилар. Аммо сен қариндошларинг Қўрқувларни уйингга киритмаслигинг лозим, чунки улар сени хизматга қабул қилган Шоҳнинг душманидирлар». «Биламан, биламан! — дея йиғлаб юборди Вой Қўрқаман. — Лекин ҳар доим қариндошларимдан биронтасига дуч келганимда, куч вужудимни тарк этаётгандай бўлаверади. Мен қанча ҳаракат қилсам ҳам, уларга бас кела олмаяпман. Шу водийда яшаганимдан кейин, улар билан учрашишдан қочиб қутула олмайман. Улар ҳамма ерда бор, энди менга ҳукмларини ўтказишмоқчи». Вой-Қўрқаман бошини кўтариб, ботаётган қуёш шафағига чўмган водийга, дарёга, тоғ чўққиларига назар солди-да, ғам-андуҳ ичра деди: «О, қанийди Хўрланиш водийсини тарк эта олсам. Қариндошларим Қўрқоқларнинг қўли етмайдиган Чўққиларга бош олиб кетардим». Шу пайт Чўпон ҳайратланиб деди: «Вой-Қўрқаман, шу ниятингни Мен анчадан бери кутиб юрардим. Сен учун энг тўғри йўл — водийдан чиқиб кетиб, Чўққиларга бориш. Мен бажонидил сени у ерга олиб бораман. Дарёнинг нариги қирғоғидаги тоғ этакларини кўряпсанми, у ерлар Отамнинг Шоҳлиги — Севги Шоҳлиги чегаралари. Бирон Қўрқув у ерларда яшай олмайди, комил севги қўрқувни ҳайдайди, қўрқув — азоб демакдир». Вой-Қўрқаман ҳайратланиб, Ундан кўзларини уза олмасди. «Чўққиларга кетсам, у ерда яшасам?! — деб сўради у. — О, қанийди шундай бўлса! Охирги пайтларда бу истак хаёлимни тарк этмай қолди, кечаю кундуз бу тўғрида ўйлайман. Аммо бу ушалмас орзу. Мен ҳеч қачон у ерларга етиб боролмайман. Ахир, мен оқсаб юраман.» Шундай деб оёқларига қаради-ю кўзлари жиққа ёшга тўлди. «бу тоғлар нақадар тик-а! Ниҳоятда хавфли-ку! Фақат оҳулар, жайронлар бу тоғларга чиқа олади, деб эшитган эдим. Тўғри, Чўққиларга олиб борадиган йўл машаққатли, хатарли, — деди Чўпон. — Шундай бўлиши ҳам керак, чунки Севгидан нафратланадиган ҳар қандай душман у ерга бора олмасликлари, Шоҳликни босиб олмасликлари лозим. Чўққиларда яшайдиганлар учун ҳақиқатан ҳам «кийик оёқлари» керак. Бундай оёқлар Менда бор, — жилмайиб деди У. — Мен қоялардан қояларга кийикдай сакрай оламан, Мен учун ҳеч ҳам қийинчилиги йўқ. Аммо шуни билгинки, Вой-Қўрқаман, сенинг оёқларингни ҳам худди кийик оёқларидай қиламан. Сени Чўққиларга олиб чиқаман. Ўшанда сен Менга яна ҳам яхшироқ хизмат қиласан, душманларинг эса сенга етиша олмайдилар. Сен у ерларга боришни чин дилдан истаётганингни эшитдиму жуда хурсанд бўлиб кетдим. Сенга айтганимдай, бу гапларингни кўпдан буён кутардим. Шундагина, — деб кулиб қўйди-да, давом этди, — сен Қўрқув билан ҳеч қачон учрашмаган бўлардинг». Вой-Қўрқаман ҳайрат билан Чўпонга кўзларини тикди, «Менинг оёқларимни ҳам кийикникидай қиласизми-а? — деб такрорлади у. — Наҳотки шундай қилиш мумкин бўлса?! Севги шоҳлигининг аҳолиси мендай афтлари қўрқинчли, оғзи қийшиқ бечора оқсоққа қандай муомала қилишар экан? Ахир, у ерда нуқсони бор одамлар яшай олмайдилар-ку!» «Бу гапинг тўғри, — деди Чўпон. — Чўққида яшашдан олдин сен ўзгаришинг керак. Аммо сен Мен билан кетишни истасанг, сенга ёрдам бераман — оёқларингни жайронникидай қиламан. Чўққига яқинлашганинг сари, тепаликда, тоғларда ҳаво тозаланиб боради, кучингга куч қўшади, танангни бақувват қилади. У ерларда яна суви шифобахш дарёлар бор. Бу дарёларда чўмилган киши дардларидан, жисмоний нуқсонларидан фориғ бўлади, онадан қайта туғилгандай бўлади. Аммо сенга яна бир гапни айтиб қўйишим керак: сенинг фақат оёқларинг эмас, ўзинг ҳам, исминг ҳам ўзгариши керак, токи Вой-Қўрқаман ва Қўрқувлар оиласининг бошқа бирон аъзоси Севги Шоҳлигига кира олмасин. Ўзгаришингни ўзинг хоҳлайсанми? Севги Шоҳлиги фуқароси бўлишга, янги исмингга лойиқ бўлишга тайёрмисан?» «Ҳа, хоҳлайман!» деди у ишонч билан. Чўпон яна жилмайди, аммо жиддий равишда шуни қўшиб қўйди: «Яна бир муҳим нарсани сен билиб қўйишинг керак. Кимнинг қалбида Севги гули очилмаса, унга Севги Шоҳлигида яшашга ижозат берилмайди. Юрагингда, Севги қанот ёзмоқдами, Вой-Қўрқаман?» Чўпон шундай деб унга диққат билан қаради. Унинг кўз қарашлари Вой-Қўрқаманнинг юраги қаърига назар ташлаб, ҳаммасини унинг ўзидан ҳам яхши кўраётгандай эди. Қиз ўз қалби аксини Чўпоннинг кўзларида кўраётгандай бўлди. Узоқ сукутдан сўнг Вой-Қўрқаман деди: «Мен ўйлайманки, юрагимда ўсиб бораётган нарса — табиий инсон севгисини ҳис қилишга бўлган буюк хоҳишдир, менинг севгимга жавоб бера оладиган ягона инсонни ҳаммадан ортиқроқ севишга ўрганишдир. Лекин бу табиий ва тўғри ҳис қилаётган хоҳишим Сиз айтаётган Севги эмасдир?» У сукут сақлаб, яна титроқ овоз билан қўшиб қўйди: «Муҳтарам Чўпон! Мени севишларини ва мендан завқ олишларини хоҳлайман. Аммо мен ўзимда Сиз айтаётган севгини кўрмаяпман. Ҳар қалай, менинг ҳис-туйғуларим Сизникига ўхшамайди». «Ундай бўлса, юрагингга Севги уруғини сочишимга изн берасанми? — сўради Чўпон. — Чўққиларга чиқиш вақт талаб қилади. Шу вақт ичида сенинг оёқларинг кийик оёқларидай бўлиши керак. Агар ҳозир Мен сенинг юрагингга Севги уруғини сочсам, у ўсиб, сен у ерга боргунингча очилишга тайёр бўлади». Вой-Қўрқаман титраб кетди: «Мен қўрқаман! — деди у. — Эшитишимча, агар бировга чин севгингизни берсангиз, Сиз унга ўзини ярадор қилиш, ўзига зарар етказиш ҳуқуқини ҳам берар экансиз». «Бу тўғри, — деб маъқуллади Чўпон. Севиш — бу ўзини севган кишининг ихтиёрига бериш демакдир. Сен ҳам, Вой-Қўрқаман, оғриқдан қўрқасан-ку, тўғрими?» У бошини ирғитиб, уялиб деди: «Ҳа, мен жуда қўрқаман». «Севмоқ — бу катта бахтдир, — деди секингина Чўпон. — Агар сенинг севгинг жавобсиз қолса ҳам, бу бахтдир. Албатта, оғриқ ҳам бор, лекин севги учун оғриқнинг аҳамияти йўқ». Бирдан Вой-Қўрқаман Чўпоннинг кўзларида олдин ҳеч кимда кўрмаган сабот, чидамни кўрди. Айни пайтда бу кўзларда унинг қалбини ярадор қиладиган нимадир бор эди. Нега шундай эканлигини Вой-Қўрқаман охиригача англаб етмади. Қўрқувдан унинг юраклари увишиб, дарров деди: «Илгари севилишга ишончим бўлмагани учун асло сева олмаган эдим. Агар Сиз қалбимга Севги уруғини сочсангиз, севгим жавобсиз қолмаслигига ваъда берасизми? Агар севгим жавобсиз қолса, мен чидай олмайман». Чўпоннинг кўзлари ажойиб севги ва меҳр билан шундай боқар эдики, Вой-Қўрқаманнинг юраги олдин ўзига нотаниш бўлган аллақандай туйғудан титраб кетди. «Ҳа, Вой-Қўрқаман, Мен сенга ваъда бераманки, юрагингга сочилган Севги уруғи униб, очилишга тайёр бўлганда, ўзингга янги исм олишинг учун хоҳиш пайдо бўлганда, сен суюкли бўласан». Қизнинг бутун вужудини ёқимли титроқ қамраб олди. Чўпоннинг айтганлари унга эришиб бўлмайдиган орзудай туюлар, аммо Унинг Ўзи унга ваъда бераётгани юрагига таскин берарди. Чўпон алдаши мумкин эмас — бунга унинг ишончи комил эди. «Марҳамат, қалбимга Севги уруғини сочаверинг», — деди у қўрқув билан. (Чўпон Вой-Қўрқаманга дунёдаги энг буюк севгини ваъда қилган бўлса ҳам, у бечора ҳалиям Вой-Қўрқаман эди.) Чўпон қўйнидан нимадир олиб, Вой-Қўрқаманга узатди. «Мана, Севги уруғи», — деди У. Вой-Қўрқаман, бу нарса нима экан, деб яхшироқ кўриш учун эгилди-ю сесканиб кетди. Чўпоннинг кафтида ҳақиқатдан ҳам уруғ бор эди, аммо бу уруғ учи ўткир тиканга ўхшарди. У илгари ҳам Чўпоннинг қўлларида яра-чақа излари борлигини кўрган эди. Энди кўрсаки, Унинг қўлидаги яра Севги уруғининг шаклида, ҳажми ҳам бир экан. «Уруғ жуда ўткир экан, агар юрагимга бу уруғни эксангиз, юрагимга қадалиб оғритмайдими?» Чўпон мулойимлик билан жавоб берди: «У шундай ўткирки, ҳеч қийинчиликсиз ичкарига кириб кетади. Аммо Мен сенга айтдим-ку Севги билан оғриқ бирмунча вақт бирга юришади, деб. Агар сен Севги нима эканини билиб олган бўлсанг, оғриқни билишга ҳам тайёр туришинг керак». Вой-Қўрқаман тиканга қаради-ю сесканиб, дарров ортига чекинди. Кейин Чўпоннинг юзига қараб, унинг гапларини ичида такрорлади: «Қачон юрагингда Севги гули очилишга тайёр бўлса, сен суюкли бўласан».Вой-Қўрқаман бирдан ўзида янгича, аллақандай жасоратни ҳис қилди. У кутилмаганда олдинга қадам босди, қалбини очиб: «Марҳамат, шу уруғингни менинг юрагимга соч», деди. Чўпоннинг юзи ёришиб, самимий меҳрибонлик пайдо бўлди. У мамнуният билан деди: «Энди сен Мен билан бирга Чўққиларга бора оласан, Отамнинг Шоҳлиги фуқароси бўласан». Шундан кейин У қизнинг юрагига тиканга ўхшаш уруғни санчди. Вой-Қўрқаман Чўпон айтганидан ҳам қаттиқ оғриқни туйди. Лекин тикан қизнинг ичига шунчалик тез кирдики, бунга ҳайратланиш мумкин эди, холос. Шунда қиз бирданига бутун вужудида олдин ҳеч қачон ҳис қилмаган, тасаввур қила олмайдиган ширин бир туйғуни сезди. Бу туйғу ҳам ширин, ҳам аччиқ эди. Аммо ширини кўпроқ эди. Вой-Қўрқаман Чўпон айтган гапни эслади: «Севиш — бу катта бахтдир». Бирдан қизнинг рангпар, касалманд сарғиш ёноқлари қирмизи тусга кирди, кўзларида нур пайдо бўлди, қийшиқ оғзи сурурли жилмайишдан тўғриланди, қирмизи ёноқлари, ёниб турган кўзлари билан у гўзал қизга айланди. «Раҳмат! — деб ҳайқириб, Чўпон олдида тиз чўкди. — Сиз қандай раҳмдилсиз! Нақадар бардошлисиз! Бутун оламда Сиздан раҳмдилроқ, Сиздан яхшироқ ҳеч ким йўқ! Мен Сиз билан тоғларга кетаман. Оёқларимни кийик оёқларидай қилишингизга, мени Чўққиларга олиб чиқишингизга ишонаман!» «Мен сендан ҳам кўра кўпроқ хурсандман, — деди Чўпон. — Сен ўзингни шундай тутяпсанки, чиндан ҳам исмингни ўзгартирмоқчисан. Аммо сенга яна бир нарсани айтишим керак. Сени душманларингдан асраш учун, тоғ этагига ўзим олиб бораман Ундан нарисига эса сени иккита ғаройиб хамроҳларинг кузатиб боришади. Оёқларинг оқсагани, тез ҳаракатлана олмаганинг учун тоғнинг қийин жойларидан ўтишингда улар сенга ёрдам беришади Вой-Қўрқаман, сен ҳар доим ҳам Мен билан кўриша олмайсан, сенга айтганимдай, Мен тоғларда чопиб, тепаликларда югуриб юраман. Дастлабки пайтларда сен Менга етиб юра олмайсан. Кейинчалик эса сен ҳам Менга ўхшаб югуриб юрадиган бўласан. Лекин бир нарсани эсингдан чиқарма: Севги Шоҳлигида ажойиб муносабатлар бўлади. Сен қачон Менга бир нарса айтсанг, қаерда бўлмайин, сени эшитаман. Мени чақирганингда, ёнингга етиб келишга ваъда бераман. Тоғ этагида сени иккита хизматкорим кутиб туришади. Мен уларга амр бердим: улар сени доим кузатиб туришади. Шуни ёдингда тутгинки, иккови сенга ёрдам беришсин, оёқларингни кийик оёқлариникидай қилишсин, деб уларни жонкуярлик билан танладим. Ўйлайманки, сен уларни қувонч билан қарши оласан, майли, менга ёрдам беринглар, деб уларга ижозат берасан, тўғрими?». «О, бўлмасам-чи! — ҳеч ўйланиб ўтирмай табассум билан унга жавоб берди Вой-Қўрқаман. — Албатта, мен Сизга ўзимга ишонгандай ишонаман, Сиз нима қилсангиз ҳам тўғри қиласиз-ку!» Вой-Қўрқаман мамнунлик билан қўшиб қўйди: «Мен бир нарсани ҳис қиляпман: энди ҳеч қачон қўрқмайман». Чўпон ҳозиргина юрагига Севги уруғини қабул қилган қизга меҳр билан боқди: Вой-Қўрқаман У билан бирга Чўққиларга кетишга тайёр эди. Чўпон қизнинг ҳолатини жуда яхши тушуниб турар, қиз қалбидаги чигал йўллар Унга аён эди. Ҳали ҳеч ким уни яхши тушуниб етмас, янги исмга лойиқ бўлишга ҳали анча вақт бор эди. Лекин Чўпон унга бу гапларни айтмади. У Вой-Қўрқаманнинг ёнаётган ёноқларига, порлаб турган кўзларига, бирданига буюк бахтдан қиёфаси тамомила ўзгарган кичкинагина чўпон қизга раҳмдиллик, шафқат билан қараб турарди. Кейин Чўпон қизга гапирди: «Энди уйингга бориб, йўлга тайёргарлик кўр. Ўзинг билан ҳеч нима олма. Фақат уйингни тартибга келтир. Ҳеч кимга ҳеч нарса айтма, чунки Чўққиларга сафаримиз сир бўлиб қолиши керак. Мен ҳозир сенга қачон жўнашимизни аниқ айта олмайман. Лекин бу воқеа тез орада юз беради. Мен ҳузурингга келганимда, Мен билан тоғларга кетиш учун тайёр туришинг лозим. Мен ҳам ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қиламан. Уйинг олдидан ўтаётиб чўпонлар айтадиган қўшиқлардан биттасини хиргойи қиламан: бу сен учун ишора бўлади. Шу қўшиқни эшитишинг биланоқ уйингдан чиқ ва ортимдан келишилган жойга бор». Қуёш ботиб, шарқда тоғлар қирмизи, кулранг тутунга бурканди, соялар узунлашди. Чўпон у билан хайрлашиб, подасини қўрага ҳайдади. Вой-Қўрқаманнинг қалби шодликка тўлган, энди у ҳеч нарсадан қўрқмайди. Дала бўйлаб уйига кетар экан, «Чўпонларнинг кўҳна қўшиқлари» китобидан олинган қўшиқни куйлай бошлади. Бу қўшиқ ҳеч қачон унга ҳозиргичалик ажойиб, ҳозирги кайфиятига мос бўлиб тушмаган эди: Қўшиқлар қўшиғи нафислиги-ла, Бошқа каломлардан ўтиб тушади. Севги Шоҳи қўшиғи Янада жарангдорроқ янграйди. Уни севган қанча юраклар Чарчаш билмай куйлашар уни. Ҳатто булбул сайрашдан толмай, Такрор-такрор айтар сўзини. Ягонамсан, қўлларимдан тут, Мен севгимни асраб борарман. Танлаганман ўзингни, Югураман, севгим асрайман. Сенинг ёнингда ҳозир бўлмоқ, Овозингдан баҳраманд бўлмоқ Ортиқ бахтни тилай олмасман, Мен ортингдан энди қолмасман.Ўтинаман, қараманг менга Ўзгалардай нафрат кўзи-ла, Кўринишим хунук бўлса ҳам, Суюклиман буюк севги-ла!Шаҳаншоҳнинг буюк севгиси Мени излаб охири топди. Гуноҳкор қиз эдим, энди-чи, Орзуларим кундай ёришди. Қиз хиргойи қилиб, биринчи далани кесиб ўтди. Иккинчи майдоннинг ўртасига энди етиб борган ҳам эдики, тўғри унга томон келаётган Қўрқувга кўзи тушди. Эҳ, бечора Вой-Қўрқаман! Шу қисқа вақт ичида у ваҳимали қариндошларини унутиб улгурган эди. Ўша қариндошларидан энг қўрқинчлиси, энг ярамаси у томонга келарди. У жуда қўрқиб кетди. Ўнгу сўлга қараб яширинишга бирон жой топа олмади. Ундан ташқари, Қўрқув айнан Вой-Қўрқаманнинг олдига келаётгани аниқ эди, шунинг учун қадамларини тезлаштирди. Аммо бир неча сония ўтар-ўтмай, у Вой-Қўрқаманнинг ёнида пайдо бўлди. Даҳшатдан совуқ терга ботган Вой-Қўрқаманга унинг сўзлари элас-элас эшитилди: «Ие, Вой-Қўрқаман, сени ҳам кўрадиган кун бор экан-ку, миттигина холаваччам! Икковимиз турмуш қурамиз-а? Сен нима дейсан?» Қўрқув Вой-Қўрқаманни худди ҳазиллашгандай чимчилаб олди. Аслида эса унинг юраги ғазабга, қаҳрга тўла эди. Чўпон қиз оғриқдан бақириб юборишига сал қолди. Қўрқувдан …. қалтираб ўзини орқага ташлади. Бахтга қарши, унинг қўрқуви — шу вазиятда у қилиши лозим бўлган нарсаларнинг энг ёмони эди, чунки холаваччаси унинг қўрқишини истарди. Агар Вой-Қўрқаман холаваччасига эътибор бермаганда эди, унга азоб бериш холаваччаси учун зерикарли бўларди, Қўрқув эса ўз йўлига кетган бўларди. Аммо Вой-Қўрқаманга ҳали Қўрқувни енгиш насиб қилмаган эди. Ҳозир ҳам у вужудини қамраб олган ваҳимадан устун кела олмади. Вой-Қўрқаманнинг оқариб кетган юзлари, кўзларидаги даҳшат ифодаси Қўрқувда, унга яна азоб бераман, деган хоҳишни баттар кучайтирди. Мана, Вой-Қўрқаман унинг олдида турибди, бир ўзи унга бас кела олмайди. У қизни ушлаб олди, бечора Вой-Қўрқаман оғриқдан, ваҳимадан чинқириб юборди. Аммо бирдан Қўрқувнинг қўллари шалвираб, қалтираб таъзим қила бошласа бўладими! Уларнинг олдида Чўпон турарди! У ҳеч кимга сездирмай келган эди. Унинг матонатли юзига, порлаб турган кўзларига, бақувват қўлларидаги ҳассага қарашнинг ўзиёқ урушқоқ қўрқув учун кифоя эди. У худди эгасидан таёқ еган лайчадай қочиб қолди. У қочиб борар экан, қишлоқ томонга эмас, балки қаёққа қочаётганини ўзи ҳам билолмай, фақат хатарсиз бир тешик-ковак топиш илинжида гоҳ йиқилиб, гоҳ сурилиб югуриб борар эди. Вой-Қўрқаман йиғлаб юборди. Албатта, у Қўрқувнинг қўрқоқлигини биларди, агарда у Чўпонни ёрдамга чақирса, Қўрқув думини қисиб қочиб қолишини ҳам билиши лозим эди. Энди эса унинг кийимлари йиртилган, қўллари урушқоқнинг чимчилашларидан кўкариб кетган эди. Аммо булар Вой-Қўрқаман учун катта кулфат эмасди. Вой-Қўрқаман ўзини қўрқоқларча тутганидан, янги исм ола олмай, эски исмига монанд хатти-ҳаракат қилганидан уялиб кетди. Вой-Қўрқаман, мен ҳеч қачон қўрқоқлардан қутула олмасам керак, уларга бас кела олмасам керак, деб ўйлар эди. У Чўпоннинг кўзларига қарай олмасди. Вой-Қўрқаман агарда бошини кўтариб Чўпонга қараганда эди, Чўпон унга қанчалик ачиниш, шафқат билан қараб турганини кўрган бўларди. Чўпон нақадар меҳрибон, мурувватли эканлигини Вой-Қўрқаман ҳали билмасди. У қўрққани учун, Чўпон мени ёмон кўради, деб ўйлаган эди. Шунинг учун қисиниб-қимтиниб «раҳмат» деб қўйди. Шундан кейин Чўпонга қарай олмай, оқсоқлана- оқсоқлана қишлоққа йўл олди. У йўлда йиғлаб кетаркан, қайта-қайта бир гапни такрорларди: «Чўққиларга чиқишни орзу қилишдан нима фойда?! Арзимаган сабаб билан мен йўлдан қайтаверсам, у ерга ҳеч қачон етиб бора олмайман». Вой-Қўрқаман уйига етиб келгандан кейин ўзини бехавотир, яхшироқ ҳис қила бошлади. Бир пиёла чой ичиб, овқатлангандан кейин хаёлида яна шаршара ёнидаги воқеалар жонлана бошлади. Юрагига Севги уруғлари сочилгани эсига тушди. Шуни эслагани заҳоти бутун вужудини банд қилган ширин туйғу яна уни қамраб олди. «Севмоқ — бу жуда катта бахт, — деди Вой-Қўрқаман ўзига ўзи, сўнг яна такрорлади: — Севмоқ — бу жуда катта бахт». Вой-Қўрқаман уйини йиғиштирди, кун бўйи вужудини қамраб олган зиддиятли туйғулардан, ғалати кун таассуротларидан чарчаб, ухлашга ётди. Аммо ухлашдан олдин «Кўҳна қўшиқлар китоби»дан эсига тушган қўшиқни хиргойи қила бошлади: Айтгин, қалбим ҳукмрони, Қаерда боқяпсан подангни? Кундузи саратон қуёшида Қаердан топарман мен сени?Қаерда дам оляпсан, дўстгинам? Қайлардан излайин мен сени? Не учун юрмадим илгари, Топмадим тоғлардан мен сени?Агарда изласанг топиш-чун, Йўлларни билмасанг мен томон, Изла гўзалим, ягонам, Қўйларим подасин излагин.Улар-ла топишинг осондир, Олдингда бўламан намоён. Йўл сўнгида топарсан, Гўё топгандай мен сени. Шундан сўнг Вой-Қўрқаман хотиржам бўлиб, қаттиқ уйқуга кетди. Ҳатто туш ҳам кўрмади. 2-боб. Қўрқувларнинг ҳужуми Эртасига Вой-Қўрқаман азонда уйғонди, кечаги қўрқувларнинг ҳаммаси ўтиб кетганини ҳис қилди. Унинг хаёлига: «Бугун мен Чўпон билан Чўққиларга кетсам керак» деган фикр келди. Бу фикридан у шунчалик хурсанд бўлиб кетдики, нонушта қилишга ҳам унчалик рағбати бўлмади. Йўлга тайёргарлик кўрар экан, Вой- Қўрқаман қўшиқ айтишдан ўзини тўхтата олмас эди. Вой-Қўрқаманнинг юрагига Севги уруғи экилганидан буён юраги қаъридан ўз-ўзидан қувноқ қўшиқлар қуйилиб келаётгандай туюларди. «Кўҳна қўшиқлар» китобидан олинган бу қўшиқлар Вой- Қўрқаманнинг янгича бахтиёрлигини ва шукронасини ҳамма нарсадан кўра яхшироқ ифода этар эди. Чўпонлар сурувларини яйловга ҳайдаб бораётганларида бу қўшиқларни севиб куйлар эдилар. Вой- Қўрқаман Чўпон амр қилган вазифани бажарар экан, ўша қўшиқлардан бирини куйлай бошлади: Подшоҳ жойига ўтирганида, Сўрамаса-да хушбўй мирра, Камфур олиб бораман, Унинг оёқларин сўзсиз юваман, Ундан чексиз миннатдорман, Чунки у мазлумни севади жондан, Эй Қуддус қизлари! Кўринишим қора бўлса ҳам.Сулаймоннинг маъбади турибди, Балки бордир унда гуноҳ аломати. Юрагим соф севгига лиммо-лим. Рангим қоралиги-чун мендан жирканманг, Саратоннинг жазирамасида қўриқланиш-чун, Золим тоғаларим ҳайдашган мени. Далани қўриқлардим кечаю кундуз, Ўзимнинг боғимни асрай олмадим, Аммо уларникини асрадим кўздай.Агар Шоҳ бўлмаса эрди, Бу Шоҳона либослар қилармиди насиб, Сахийлик-ла марҳаматини аямади, Унинг кўзигагина кўринган гўзаллигим-чун, Барча камчиликларимни ювиб ташлади. Вой-Қўрқаман юмушларини бажарар экан, вақти-вақти билан гоҳ шодликдан, гоҳ ҳаётида юз берадиган аллақандай янгиликлар туфайли қўрқувдан юраги тўхтаб қолгандай бўлар, натижада юраги орқасига тортиб кетар эди. Лекин ҳар доим юрагидаги тиканни эслаганда, бутун вужудида аллақандай сирли, ширин титроқ пайдо бўларди. У ҳатто шундай кичкина бир ногирон қизга — Вой-Қўрқаманга ҳам насиб қилган экан, демак, Севги бор экан. У Чўққиларга етиб борганда, ўзини камситаётган мажруҳликдан халос бўлади ва гўзал бир қизга айланади. Юрагидаги Севги ғунча очишга тайёр бўлганда эса, кимдир унинг севгисига жавоб беради. Вой-Қўрқаман шу хаёлларга берилганда, кўнглининг бир четида сезилар-сезилмас шубҳа уйғонар, ҳаммаси ширин хаёлга ўхшаб туюларди. Йўқ, у ҳақиқат эмас,балки рўё, ё ширин туш! «Вой, мен жуда ҳам қўрқиб кетяпман. Чунки биров мени севиб қолишига ишонмайман!» — дерди у ўзига ўзи. Аммо яна Чўпоннинг гаплари эсига тушиб, юрагида бахтиёрликни ҳис қиларди. Югуриб, деразанинг олдига борарди-да, «Мени олиб кетгани Чўпон келмаяптимикан», деб йўлга термуларди. Кун чошгоҳга яқинлашса ҳамки, Чўпондан дарак йўқ эди. Тушдан кейин даҳшатли воқеа юз берди: Вой-Қўрқаманнинг қариндош-уруғлари бостириб келиб қолса бўладими! Вой-Қўрқаман ҳали ҳеч нарсани англаб етмаган ҳам эдики, улар Вой-Қўрқаманга ташланиб, дарров уни ўраб олишди. Амма-холалар, тоғаю амакилар уни ҳар томондан ўраб олиб, шовқин сола бошладилар. Аммо Қўрқоқ уларнинг орасида кўринмас эди. Қўрқоқни олдинги сафар Вой-Қўрқаман қандай қабул қилганини улар эшитган, шунинг учун Қўрқоқни ўзлари билан олмасликка қарор қилган эдилар. Қўрқувлар Вой-Қўрқаманнинг бу никоҳга бўлган муносабатини ўзгартиришга, иложи бўлса, уни ташқарига алдаб олиб чиқишга ва ўзлари билан уйларига олиб кетишни келишиб олган эдилар. Чўпоннинг узоқда сурувни боқиб юрганидан ва қиз уйда ёлғизлигидан қариндош-уруғлар фойдаланиб ҳужумга ўтдилар. Қўрқувлар, мана пайти келди, энди ниятимизга етамиз, деб ўйлашарди. Аммо куппа-кундузи қизни ўғирлаб кетишнинг асло имкони йўқ эди. Чунки қишлоқда Чўпоннинг хизматкорлари анчагина бўлиб, улар ёрдамга келишлари аниқ эди. Қариндошлари Вой-Қўрқаманнинг тортинчоқлигини, нимжонлигини билишар, «Агар кўпчилик бўлиб борсак, уни қўрқитиб, ўз ихтиёримизга бўйсундирамиз ва Жаноб Қўрқувнинг уйига боришига уни мажбур қиламиз», деган хаёлда эдилар. У ерга боргандан кейин эса Вой-Қўрқаман албатта уларнинг ҳукмида бўлади. Қариндошларнинг орасида Жанобнинг ўзи ҳам бор эди. У фақат яхши ният билан келганликларига оталарча ширинсуханлик билан қизни ишонтирмоқчи бўларди: «Биламан, сен бунга қаршисан, мен ҳам сен билан шу тўғрида гаплашгани келдим», — деди у. Жаноб ширин сўзлар билан қизни авраб, ўз амрига бўйсундиришга ҳаракат қиларди. «Бу никоҳ ҳар томонлама гўзал, — дея гапида давом этди у, — аммо сен буни тунишни истамаяпсан. Ҳозир очиқчасига гаплашиб олсак, сен шубҳа-гумонларингдан, эътирозларингдан халос бўласан. Агар истамасанг, сени хоҳишингга қарши турмушга беришларига мен асло йўл қўймайман!» Унинг бу ваъдалари тамомила ёлғон эди. Жаноб гапини тугатгандан кейин, бошқа Қўрқоқлар Вой-Қўрқаманни бу гапларга ишонавер, деб жон-жаҳдлари билан уринардилар. «Ҳамма гап шундаки, — деб гап бошладилар улар, — сен биздан анча узоқлашиб кетдинг, шунинг учун сенга қилаётган меҳрибонликларимиз, ҳиссиётларимизга шубҳа билан қараяпсан. Агар сен кўпроқ вақтингни биз билан ўтказганингда эди, бизнинг гапларимизга ишонар эдинг, сенга фақат яхшилик тилаётганимизни тушуниб етган бўлардинг. Сен бизни тушунмасдан нотўғри хулоса чиқаряпсан». «Тўғри, Қўрқоқ эртаклардаги Шаҳзодаларга ўхшаб чиройли эмас, бунинг устига, қилиқлари ҳам, қўполлиги ҳам рост. Бунинг сабаби шуки, у ҳали никоҳнинг ижобий кучини билгани йўқ. Умид қиламизки, оилавий ҳаётнинг ташвишларию қувончлари уни тез орада ўзгартириб юборади. Сен учун бу катта бахт-ку, Вой, Қўрқаман! Уни яхши томонга сен ўзгартира оласан. Биз буни сабрсизлик билан кутяпмиз». Шунга ўхшаш ёлғон гаплар билан бу муттаҳамлар бечора Вой-Қўрқаманнинг бошини шунақанги айлантириб ташладики, бечора қиз уларнинг орасида ғужанак бўлиб ўтирар, гапларини аранг тушунар эди. Вой-Қўрқаман ўзини йўқотиб, саросимага тушганидан, юрагини ваҳима босарди. Қариндош-уруғларига айнан шу керак эди. Улар ўз ниятларига эришиш йўлида астойдил ҳаракат қилиб, қизни йўлга солишга, Қўрқувни бекаму кўст инсон қилиб қизни ишонтира бошлаган ҳам эдиларки, бир нарса уларга ҳалақит бериб қолди. Қўрқувлар Вой-Қўрқаманнинг уйига кираётганларида эшикларни яхшилаб ёпишган, қиз қочиб кетмасин, деб тамбалаб ҳам қўйган эдилар. Шу пайт тўсатдан чўпонлар қўшиқларидан бирини куйлаётган эркак овози эшитилиб қолди. Бу қўшиқ Вой-Қўрқаманга яхши таниш эди. У бу қўшиқни жуда яхши кўрар, ўзи ҳам куйларди. Ниҳоят, қўшиқчининг ўзи ҳам кўринди. У хиргойи қилганича сўқмоқ бўйлаб келарди. У Бош Чўпон эди. Чўпон подасини суғоргани олиб кетаётган эди. Қўшиқ сўзлари қўйларнинг маъраши ва уларнинг чанг босган оёқлари овозлари билан қўшилиб, очиқ деразалардан уй ичига қуйилиб келарди. Чўпон ёзнинг бу сокин кунида ажойиб қўшиғини куйлаб, Вой-Қўрқаманнинг уйи олдидан ўтиб бораётганда, бошқа овозлар тамомила тиниб қолгандай бўлди. Уй ичидаги шовқин-сурон ҳам тиниб, сокинлик эгаллаб олди, бу сокинликни жисман ҳис қилиш мумкин эди. Чўпон қуйидаги қўшиқни куйларди: Севгилимнинг нафис овози Юрагимда яшар тоабад. Тоғлар оша елар у шамолдай, Интилади олдинга қирлардан ошиб.Шунчалар тездир у, шунчалар кучли, Оҳуга ўхшатгим келарди уни. Қалбим тўлар қувончга, кулади сирли, Эшитяпман деразамдан овозини.«Гўзалим, дилбарим, турақол, Ортимдан адашмай юрақол. Қиш бўронлари ортда қолсинлар, Ёмғирни қувайлик, бўлақол.Ўтлоқда гуллар ҳам чамандир, Соз овозлари-ла куйлашар қушлар. Қумрилар овози келадир, Юртимда кезаётир баҳорлар.Дарахтлар безанди нафис гулларга, Токларим куртакдан яшнайди. Қарашларинг тортади мени ўзига, Чўл ҳам ўхшайди севгилим-ла гулзорга.Қанисан, маъсума севгилим, Баҳорга ўхшайсан, гўзалсан! Ягонам, мен томон жилмайгин, Овозинг-ла қўшиққа ўхшайсан! Вой-Қўрқаман уйида ўтириб шу қўшиқни эшитар экан, у вужудида тўсатдан оғриқни сезди-ю Чўпон уни Ўзи билан тоғларга олиб кетишга чорлаётганини билди. Бу олдин ваъда қилинган яширин аломат эди. Вой-Қўрқаман бу қўшиқни эшитгани заҳоти кетишга дарров тайёрланиши керак эди. Энди эса уйидан чиқолмасдан ўтирибди. Атрофини эса ваҳимали қўрқувлар ўраб олишган. Шунинг учун қиз Чўпоннинг даъватига жавоб берадиган ҳолатда эмас, ҳатто бошига тушган кулфатдан Чўпонни хабардор қила олмайди. Тўғрисини айтганда, Вой-Қўрқаман Чўпонни ёрдамга чақириши мумкин эди, бунинг учун имконият ҳам пайдо бўлди. Қўшиқ бошланиши билан Вой-Қўрқаманнинг барча қариндошлари ажабланиб, бир зум сукут сақлаб қолишди. Вой-Қўрқаман эса уларнинг нега сукут сақлаб қолганларини билмас эди. Қариндошлар нафасларини ичига ютиб: «Ана ёрдамга чақиради, мана ёрдамга чақиради», деб кутишаётган эди. Агар Вой-Қўрқаман Чўпонни ёрдамга чақирганда эди, қўрқувлар учун сичқоннинг ини минг танга бўлиб қоларди. Аммо Вой-Қўрқаман ваҳимага тушиб, бу имкониятдан фойдалана олмай қолди, кейин эса… вақт ўтган эди. Бир зум ўтмай, Пасткашнинг оғир қўли Вой-Қўрқаманнинг оғзини ёпди. Бошқа қўллар ҳам дарров ўзларини ўнглаб олдилар ва Вой-Қўрқаманни маҳкам ушлаганларича, курсига босиб, унинг туриб кетишига имкон беришмади. Хуллас, Чўпон ишорат берадиган қўшиғини куйлаб, Вой-Қўрқаманнинг уйи олдидан аста ўтиб кетди. Аммо жавоб бўлмади. Чўпон ўтиб кетгандан кейин эса қўшиқ ҳам, қўйларнинг маъраган овозлари ҳам эшитилмай қолди. Вой-Қўрқаман қўрққанидан ҳушидан кетиб қолди. Амакиваччаси Пасткаш эса уни бўғиб ўлдириб қўйишига оз қолди. Қўрқувлар вазиятдан фойдаланиб, Вой-Қўрқаманни олиб кетишмоқчи бўлишарди-ю аммо бу иш хавфли эканини англаб туришар, шунинг учун бунга журъат қила олмас эдилар. Чунки бу пайтда кўпчилик ишдан қайтарди. Қўрқувлар қоронғу тушишини кутишга ва ундан кейин қизнинг оғзини ёпиб, билдирмасдан олиб кетишга қарор қилишди. Қўрқувлар асирани каравотга ётқизиб қўйишди-да, бундан кейин қиладиган ишларининг режасини тузиб олишди. Шундан сўнг холалари ва амакиваччаларидан баъзилари ошхонага егулик излаб чиқиб келишди. Эркаклар меҳмонхонада чекиб ўтиришар, Қовоғи солиқни эса ётоқхонада асирани қўриқлашга қолдиришган эди. Вой-Қўрқаман аста-секин ўзига кела бошлади. Ўзига келгач, аҳволига назар солиб, қўрққанидан яна ҳушидан кетишига сал қолди. Қўни-қўшнилар ишда бўлганидан, ҳеч кимни ёрдамга ҳам чақира олмасди. Аммо аслида вазият шунақа эдими? Йўқ, кеч кирган эди. Вой-Қўрқаман тўсатдан Қўрқмас хонимнинг овозини эшитиб қолди. Қўрқмас хоним унинг энг яқин қўшниси эди. Вой-Қўрқаман Қўрқмас хонимнинг овозини эшитган заҳоти асирликдан қутулиш учун сўнгги имкониятдан фойдаланиб қолишга бел боғлади. Қовоғи солиқ воқеанинг чаппасига айланиб кетишини асло кутмаган эди. У ҳали нима бўлаётганини тушуниб етмаган ҳам эдики, Вой-Қўрқаман каравотдан сакраб ўрнидан турдию овози борича бақириб Қўрқмас хонимни ёрдамга чақира бошлади: «Қўрқмас! Қўрқмас! Ёрдам бер! Тезроқ!» Қўрқмас хоним бу овозни эшитиб, ўгирилиб қаради, деразада Вой-Қўрқаманнинг оқариб кетган юзини, ёрдам сўраб чўзган қўлларини кўрди. Кейин Вой-Қўрқаманнинг юзи бирдан титради-ю дарров кўздан йўқолди. Ойнанинг пардаларини кимдир ёпиб қўйган эди. Лекин шу кўрганларининг ўзиёқ исми жисмига монанд Қўрқмас хоним учун кифоя эди. У қўшнисининг уйига югуриб келди ва ичкарига киришга ҳаракат қилди. Аммо эшиклар ичкаридан тамбаланган эди. У деразадан ичкарига мўралади: уй ичи Вой-Қўрқаманнинг қариндошлари билан тўла эди. Қўрқмас хоним «бир ҳовуч кераксиз «Қўрқувлар»дан ҳайиқадиганлар тоифасидан эмас эди. Дарвоқе, у Қўрқувларни шундай деб атарди. Қўрқмас хоним ойнадан бошини ичкарига суқиб, таҳдидли овоз билан ҳайқирди: «Қани, чиқинглар-чи бу уйдан! Биттангиз ҳам қолмай чиқинглар! Агар уч сониядан кейин чиқиб кетмасангиз, Бош Чўпонни чақираман! Бу уй Уники! Агар У сизларни бу ерда кўриб қолса, ҳолингизга вой!» Қўрқмас хонимнинг сўзлари ўз ишини қилди. Уйнинг эшиги очилиб, Қўрқувлар ҳар томонга тирқираб қочишди. Улар жонларини қутқариш умидида бир-бирларини туртиб-суриб, йиқитиб ҳар томонга югура бошладилар. Қўрқувларнинг шармандаларча ҳар томонга қочаётганларини томоша қилаётган Қўрқмас хоним мамнунлик билан жилмайиб турарди. Энг охирги Қўрқув уйдан чиққанда, қўрқмас хоним Вой-Қўрқаманнинг уйига кирди ва қўрқувдан, ғам-қайғудан ўзини йўқотган қизга тасалли бера бошлади. У юз берган воқеани сўраб-суриштириб билиб олди, Бечора асира қизни қоронғу тушгандан кейин ўғирлаб кетмоқчи эканлигидан хабар топди. Қўрқмас хонимга қўрқув ҳисси тамомила бегон эди. У жамики Қўрқувлар тўдасини ҳайдаб юборди, ўз қариндош-уруғларига қарши тура олмаган аҳмоқ қизчага танбеҳ бермоқчи бўлди-ю, унинг оқариб кетган юзи, қўрқувдан бақрайган кўзларига қараб, ўзига ўзи деди: «Гапирганимдан нима фойда?! У барибир бундан бошқача яшай олмайди, бечоранинг ўзи ҳам улардан биттаси-ку! Қўрқув унинг қонида бор. Душман ичингда бўлса, иш янада пачава. Ўйлайманки, унга Бош Чўпондан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди». У шуларни хаёлидан ўтказди. Қўрқмас хоним титраб, қақшаб турган қизга танбеҳ бериш ўрнига, унинг елкаларига қоқиб, оналарча меҳрибонлик билан тасалли берди: «Энди, азизим, ўзингни тут. Мен ошхонага кириб чой тайёрлай. Сенга бир оз мадор бўлади». Қўрқмас хоним шундай дея ошхонанинг эшигини очиб ичкари кирди. У столда ёзилган дастурхонни, талончиларнинг ўзларига тайёрлаб қўйган егуликларини кўриб, деди: «Ана холос, улар бу ерга киришга ҳам улгуришибди-ку. Биз учун чой қўйишибди. Вой йиртқичлар-эй», — дея Қўрқмас хоним жон ҳолатда қочиб қолган чақирилмаган меҳмонларни ўзича уришди. Кейин у «меҳмонлар»нинг қандай қочиб қолганларини кўз олдига келтириб, жилмайиб қўйди. Кейин иккалалари бирга чой ичишди. Қўрқмас хоним Вой-Қўрқаманнинг уйини тартибга келтириб бўлганда, қиз ўзига келиб, аҳволи анчагина яхши бўлиб қолган эди. Аммо қоронғу тушиб, Чўпон билан келишилган жойга боришга кеч бўлганди. Вой-Қўрқаман Чўпонга нега жавоб бера олмаганини тушунтирмоқчи, Ундан кечирим сўрамоқчи эди. Қоронғу тушиб қолгани учун эса тонг отишини кутишдан бошқа чораси қолмади. Шу тариқа Вой-Қўрқаман Қўрқмас хонимнинг маслаҳатига қулоқ солиб, ухлашга ётди. Ўтган куннинг ташвишлари уни жуда ҳолдан тойдирган эди. Қўшниси унинг кўрпаларини тузатиб, хайрлашиш олдидан ўпиб қўйди. У Вой-Қўрқаманга, балки ёнингда ётиб қоларман, деб таклиф қилган эди, аммо қиз унинг марҳаматига ташаккур билдирди, чунки Қўрқмас хонимни оиласи кутаётганини Вой-Қўрқаман биларди. Қўрқмас хоним Вой-Қўрқаманнинг каравоти ёнига кичкина қўнғироқча осиб қўйди. «Агар кечаси биронтаси сени безовта қилса, қўнғироқчани чал, мен бутун оилам билан ёрдамга келаман», деб айтди Қўрқмас хоним. У шуларни тайинлаб, чиқиб кетди. Вой-Қўрқаман уйида бир ўзи қолди. 3-боб. Тундаги қочиш Бечора Вой-Қўрқаман ухлаёлмай тўшагида уёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётарди. Унинг онги ҳам, вужуди ҳам шунчалик озор чеккан эдики, у асло бир ҳолатда ёта олмасди. Ярим тундан кейин ҳам анча вақт у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб безовта бўлди. Калласининг энг туб-тубида қўрқинчли бир хавотирлик бор эди: муҳим бир нарсани эслаши шарт, аммо эслай олмасди. Шу хаёл ухлаганидан кейин ҳам, тушида ҳам уни тарк этмади. Орадан бир-икки соат ўтар-ўтмас Вой-Қўрқаман аллақандай ваҳима ичида уйғониб кетди, вужудида илгари ҳеч сезмаган, ғайритабиий, азоб берадиган оғриқни туйди. Юрагидаги тикан чидаб бўлмас даражада муттасил санчиб, зирқиратарди. Бу оғриқ илгари ўзини йўқотиб қўйганидан англаб бўлмайдиган нарсани яна билдириш учун кўнгил торларини чертиб турганга ўхшарди. Кейин бирдан қўрқинчли яшин каби ялт этиб эсига тушиб қолди: «Чўпон ваъдасига вафо қилиб, келди, мени чақирди, мен эса чиқа олмадим. Ҳеч қандай жавоб ҳам бермадим. У мен тўғримда, фикри ўзгарибди, мен билан кетмоқчи эмас экан, деб ўйлаган бўлса-чи? У мени ташлаб кетган бўлса-чи? Ҳа, У менсиз кетган! У мени ташлаб кетган!» У бу гапни шивирлаб қайта-қайта такрорлар эди. Бу қўрқинчли фикрдан Вой-Қўрқаманнинг юраги титраб кетди. У худди шуни эслай олмай турган экан. Ахир, у нимага чиқа олмаганини Чўпон билмайди-ку! Аслида Чўпон, чақирганимда ҳаялламай тез чиққин, деб қаттиқ тайинлаган эди. Чунки Чўпоннинг ўзи ҳам зарур иш билан тоққа кетиши керак эди. Вой-Қўрқаман эса бу кеча ҳар доим борадиган жойига — қўйлар сув ичадиган жойга ҳам бора олмади. Энди Чўпон уни қўрқоқ деб ўйлайди. Балки У бир ўзи кетгандир? Вой-Кўрқаман шу хаёлга бордию, танасидан совуқ тер чиқиб кетди, юраги дукиллаб ура бошлади! Аммо у учун энг қўрқинчли кўнгилсизлик — юрагида бошланган оғриқ эди. Бу оғриқ худди уни бўғаётганга ўхшарди. Вой-Қўрқаман ваҳима, совуқдан қалтираб, бир жойда ўтирарди. Агар Чўпон уни ташлаб кетган бўлса, у бунга бардош бера олмайди! Каравоти ёнида турган стол устида эски қўшиқлар китоби ётарди. Вой-Қўрқаман чироқ ёруғида китобнинг очилган саҳифасига кўзи тушиб қолди: бу саҳифада ўзи сингари чўпон қиз ҳақидаги қўшиқ бор эди. У қиз ҳам худди Вой-Қўрқаманга ўхшаб севги даъватига жавоб бера олмади. Кейин севгилиси кетиб қолганини англаб етди, энди кеч бўлган эди. Бу қўшиқ Вой-Қўрқаманга доимо ғамгин бўлиб туюларди. Бу қўшиқни куйлаганда, у қийналиб кетарди. Ёлғизликда, зимистон тунда қўшиқ сўзларини ўқир экан, бу қўшиқ унинг бахтсиз, қўрқоқ қалбига даъват бўлиб туюлар эди: Тўшагимда уни ахтардим, Юрагим зор бўлган кимсани. Ахтардиму аммо уни топмадим, Ёнимда бирон зот йўқ. Шошиб йўлга отландим тезда, Чиқдим шаҳар кўчаларига, Узоқ, узун йўлга Қайтармоқ учун азиз севгилимни. Шу ерга етганда у бошқа саҳифани очиши керак эди. Лекин Вой-Қўрқаман буни қилмади. Тўсатдан у бундай мавҳумликка бошқа тоқат қила олмаслигини ҳис қилди. У дарров Чўпоннинг ҳақиқатан ҳам уни ташлаб, бир ўзи кетганига ўзини ишонтиришга уринди. Вой-Қўрқаман ўрнидан турди-ю қўллари титраган ҳолда кийиниб бўлиб, кўча эшигини очди. У энди «узоқ ва олис йўл»га жўнайди, аммо Уни топа олармикан? Қанийди топа олса! Эҳтимол, Чўпон уни кутаётгандир, эҳтимол, У Вой-Қўрқаманга яна бир имкон берар? Вой-Қўрқаман эшикни очиб, зулматга қадам қўйди. Ҳозир бу кимсасиз кўчада яшириниб турган юзлаб Қўрқувлар ҳам уни орқага қайтишга мажбур қила олмас эдилар. Чунки юрагидаги қатъият бошқа барча нарсани, ҳатто қўрқувни ҳам тўсиб қўйиб, дадил олдинга етакларди. Шундай қилиб, Вой-Қўрқаман бу қоп-қоронғу тунда Чўпонни ахтариб йўлга тушди. Вой-Қўрқаман оқсоқ бўлгани учун тез юра олмасди, қишлоқ кўчаларидан бепоён далалар, итхоналар томон судралиб кетди. Йўлда кетар экан, ўзига-ўзи пичирлар эди: «О Чўпон, севги ва оғриқ доимо ёнма-ён юради, деб тўғри айтган экансан!» Агар қиз буни олдин билганда, ёки бу ҳақда озгина тасаввурга эга бўлганда эди, бу ишга қўл урмаган бўлармиди, юрагига Севги тиконини экишга рози бўлармиди? Энди эса кеч бўлди. Қалбида тикон, севги ҳам, дард ҳам қалбида. У энди албатта Чўпонни топиши керак. Ниҳоят, у оқсоқлана-оқсоқлана, нафаси қисилиб, хира юлдузлар нурида сокин, кимсасиз итхонага етиб келди. У ерда кечаси подани қўриқлаётган бир-икки ёрдамчи чўпонлардан бошқа бошқа кимса йўқ эди. Улар яқинлашаётган қадам товушларини эшитиб, ўринларидан туришди ва чақирилмаган меҳмонга қараб юришди. «Кимсиз?» дея қоронғулик қаърига тикилиб сўрашди улар. Кейин қўлларидаги фонус ёруғида Вой-Қўрқаманнинг оқариб кетган юзи, қўрқувдан катта-катта очилган кўзларини кўриб, ҳайрон бўлиб тикилиб қолишди. «Бош Чўпон шу ердами?» — сўради қиз, у нафасини ростлаб олиш учун итхона деворига суянди. — Йўқ, — жавоб берди қоровул ва қизиқиш билан унга қаради. — Бу кеча у бизга топшириқлар бериб, подани бизга қолдириб кетди. Яна у ҳар доимгидай, тоққа кетяпман, деб айтди. Аммо қачон қайтишини айтмади. Вой-Қўрқаман бу сўзларни эшитди-ю тилдан қолди. У инграб, қўллари билан юрагини ушлади, гўё юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлди. «Энди нима қиламан? У кетди! Вой-Қўрқаман мен билан бирга кетишни истамади, деб ўйлаган, мени кутмаган». Шунда қиз дарду аламдан титраб молхонанинг деворига суянди. Чўпоннинг эзгуликдан нур сочиб турган юзини, нигоҳидаги севги порлаб турган кўзларини кўз олдига келтирди. Нақадар меҳрибонлик билан унга тоғда ҳамроҳ бўлмоқчи эди-я! Бирдан унинг миясига шундай фикр келди: «Менга шунчалар яхшилик қилган, мени ҳаммадан кўра яхши тушунган, ғамимга шерик бўлган Одам мени ташлаб кетмайди! Мен онгли равишда У билан кетишни рад қилганимни билмагунча кетиб қолмайди!» Вой-Қўрқаман нигоҳини кўтариб водийга, ундан нарида ястаниб ётган шарқий тоғларга, Чўққиларга тикилиб қаради. Шу пайт шарқ томондан ингичка нур кўриниб, тез орада қуёш чиқди. Қиз тўсатдан эски қўшиқлар китобида кўрган ғамгин қўшиғининг охирги бандини эслади. Шу яқиндаги буталар орасида зўр бериб куйлаётган қушчанинг овози Вой-Қўрқаманга туртки бериб, шу тўртликни эсига солди: Ниҳоят учратдим бу сокин тонгда Қалбим излаган кимсани. У билан қоларман тоабад, Бирга бўлмоқ — шудир толеим. Вой-Қўрқаманнинг вужудидаги титроқ босилиб, ўзига ўзи деди: «Қани, сув ичадиган жойга бориб кўрай-чи, балки У мени ўша ерда кутаётгандир». У қоровулларга бир-икки оғиз сўз айтди-ю тезда ортига бурилиб, шошилганича жануб томонга йўл олди. У илгари Қўрқувни учратиб қолган дала орқали қўйлар суғориладиган ҳовузга борарди. Вой-Қўрқаман оқсоқлигини ҳам эсдан чиқарган, баланд дарахтлар қуршовидаги ҳовуз томонга жадал интилар эди. Тоғлар ортидан осмон қизғиш тусга кира бошлади. Шу пайт унинг қулоғига тепаликдан оқиб тушаётган сувнинг жозибали шовуллаши эшитилди. Олдинга жадал интилаётган Вой-Қўрқаман бирдан қалбидан қўшиқ оқиб келаётганини ҳис қилди. «У» ҳовуз бўйида турарди! Чўпон ҳовуз бўйида Вой-Қўрқаманга тикилиб турар, юзларида тонг шафағининг нурлари товланарди. Чўпон қизни кўрдию у томонга жадал юриб кела бошлади. Вой-Қўрқаман эса қоқилиб кетиб, Чўпоннинг оёқлари остига йиқилди. «О мурувватли ҳазратим! Ваъда қилганингиздай, мени Ўзингиз билан олиб кетинг! Бу ерга ташлаб кетманг!» Қиз йиғлаб-ёлворарди. «Келишингни билардим, — деди Чўпон меҳрибонлик билан. — Аммо Менга айт-чи, Вой-Қўрқаман, нега кеча сув бўйига келмадинг? Уйинг олдидан ўтаётганимда, чақирганимни наҳотки эшитмадинг?! Мен, бугун тонгда жўнаймиз, сен йўлга тайёр бўлиб тур, деб айтмоқчи эдим». Чўпон гапини тугатганда, қуёш чиққан, ҳар иккаласини олтин нурларига чулғаган эди. «Мана, мен шу ердаман, — деди Вой-Қўрқаман тиз чўкиб ўтирар экан, — Сиз қаёққа бошласангиз, ўша ёққа кетишга тайёрман!» Чўпон қизнинг қўлларидан ушлади. Иккаласи биргаликда буюк тоғлар томон йўл олишди. 4-боб. Йўл бошида Ажойиб куннинг эрта тонги эди. Худди водий ҳамон уйқуда туюларди. Югуриб оқаётган дарёнинг қувноқ шовуллашию қушларнинг шодон қийқириқлари сукунатни бузаётгандай бўларди. Майсалар шудрингдан ялтираб, даланинг анвойи гуллари марварид каби товланиб кўзни қамаштирарди. Айниқса, алвонранг, қирмизи, чўғ рангли айиқ товонлар бутун яйловни қоплаган, хуллас, жуда ажойиб эди. Улар миттигина, чиройли бошчаларини тиканлар орасидан юқорига чўзарди. Чўпон билан Вой-Қўрқаман минглаб ана шундай митти қирмизи ва бинафша гуллар «орол»ларидан ўтишарди. Бу гуллар якка-якка турганларида ҳеч қандай жозибага эга бўлмаслиги мумкин эди, аммо улар яхлит ҳолда шундай бир гиламни ҳосил қилган эдики, бундай гиламни ҳатто шоҳ саройларида ҳам кўрмайди, киши. Бир марта Чўпон эгилиб, шу ажойиб гулларни силаб қўйди ва Вой-Қўрқаманга қараб жилмайиб деди: «Ўзингни тий, ана шунда Севги оёқларинг остида гуллардан гилам тўшаганини кўрасан». Вой-Қўрқаман Чўпонга жиддий қаради: «Мен дала гулларини тез-тез ўйлайман, — деди у. — Ҳақиқатдан ҳам, шу қадар сон-саноқсиз гулларнинг ҳеч ким кўрмайдиган, инсон оёғи етмайдиган жойларда гуллагани ғалати туюлади. Инсонлар бу гулларга камдан-кам дуч келадилар, эчкилар ва сигирлар эса бу гулларни топтаб ташлайди. Бу гуллар қанчалар меҳр ва гўзаллик инъом қилишлари мумкин-ку. Аммо бу гўзалликни кўриб, баҳолай оладиган, қадрига етадиган инсон йўқдир». Бу сўзларни эшитиб, Чўпон Вой-Қўрқаманга қаради. Унинг боқишлари нақадар гўзал, меҳрли эдики! «Менинг Отам қўллари билан яратилган бирон нарса зое кетмайди, — деди У астагина. — Мана шу митти гуллар бизга ажойиб сабоқ бериши мумкин. Улар ўзларини меҳр ва ишонч билан бахшида қиладиларки, ҳатто буни баҳолай оладиган зот йўқдай туюлади. Улар ўзларига ўзлари қувноқ қўшиқ айтаётгандай туюлади: Севги — бу шундай бахтдир! Севгинг жавобсиз бўлса ҳам, борлиги бахтдир! Мен сенга камдан-кам инсонлар тушуниб етадиган бир буюк ҳақиқатни очиб беришим керак. Инсон қалбидаги энг гўзал нарсалар, унинг буюк ғалабалари, катта ютуқлари тўғрисидаги ниятларини ҳеч ким билмаслиги керак ёки фақат аранг фаҳмлашлари лозим. Инсон қалбининг Севгига берган ҳар бир жавоби, ўзининг «мен»ига нисбатан бўлган севги устидан қозонилган ҳар бир ғалабаси — бу севги дарахтидаги бир гулдир. Дунёга маълум бўлмаган, оддий инсон ҳаёти ҳақиқий гулбоғдир. Бу боғда Севги мевалари ва гуллари нақадар бенуқсон ва илоҳийдир. Бу боғ Севги Шоҳининг севимли масканидир. Бу боғда У дўстлари билан сайр қилади. Менга хизмат қилаётганларнинг баъзилари чиндан ҳам буюк ғалабаларга эришдилар, уларни инсонлар чин юракдан севадилар, ҳурмат қиладилар. Аммо уларнинг буюк ғалабалари худди дала гулларига ўхшайди, улар ҳақида ҳеч ким билмайди. Сен, Вой-Қўрқаман, бу сабоқни ҳозир — биз пастда, водийда турганимизда ўзлаштириб ол. Тик қояларга етиб борганингда бу сенга тасалли бўлиб хизмат қилади». Кейин У қўшиб қўйди: «Юрақол, барча қушлар шодлик билан қўшиқ куйлашяпти, қани, биз ҳам уларга жўр бўлайлик, қайси қўшиқни куйлашимизни гуллар бизга айтиб беришсин». Шундан кейин улар бирга қўшиқ куйлаб водий бўйлаб дарё томонга йўл олдилар. Бу қўшиқ Чўпоннинг қўшиқлар китобидан эди. Улар навбатма-навбат куйлашар эди: Сенинг севгинг билан мен гўзалдирман Худди Сарона атир гулидай, Худди нозик дала гулларидай, Бўронлар ҳам қўрқита олмас нилуфардай.Сенинг севгинг мен учун Шохлар орасидаги олмадай, Меваларимга маза, там берасан, Сен соянг билан иссиқдан асрайсан.Мени ўз саройингга олиб кирдинг, Севги сирларини менга ошкор қилдинг, Ҳеч ким севмаган мен бечорага Шоҳлар тожини кийдирдинг менга;Мени хасталикдан фориғ қилгин, Юрагим хижолатдан ёнади, Рафиқанг бўлишга арзимасман, Номингга номуносибман мен.Ялинаман сизларга, қизлар, Ўрмонлар соясидаги буғилар, Севгилим тинчгина дам олсин, Унинг севгиси менга қувонч бағишлар. Вой-Кўрқаман билан Чўпон қўшиқ куйлаб, дарё кечувига етиб келишди, тезоқар дарё бу ерда сўқмоқни кесиб ўтар ва сўқмоқнинг нариги томонидан шаршара ҳосил қилиб оқиб тушарди. Дарё шунчалик тез оқиб, шовуллар эдики, бутун атроф, водий дарёнинг қаҳ-қаҳ уриб кулётган овозига тўлиб кетгандай эди. Чўпон Вой-Қўрқаманни ҳўл, сирпанчиқ тошлар устидан олиб ўта бошлади. Шунда Вой-Қўрқаман айтиб қолди: «Мана шу оқаётган сувлар нималар тўғрисида куйлаётганларини жуда билгим келади. Баъзида сокин тунда ўрнимда ётиб, уйим олдидаги полиз ёнидан оқиб ўтадиган кичкина дарёчанинг шовуллашини эшитиб ётаман. У шунчалар қувонч ва бахтиёрлик билан куйлайдики, гўё ўзига ўзи қандайдир гўзал, сирли бир хабарни қайта-қайта такрорлаётгандай бўлади. Барча дарёлар менга бир хил қўшиқни куйлаётгандай туюлади. Фақат баъзилари баланд овоз билан аниқ, равшан, баъзилари эса оҳиста, майин овозда куйлашади. Мен эса уларнинг нима ҳақда сўзлаётганларини жуда билгим келади. Уларнинг овозлари денгизнинг шўр суви овозидан ажралиб туради. Аммо мен денгизнинг овозини ҳам тушунмайман. Бу бегона тил. Менга айтинг-чи, Чўпон, ўз йўлларида шошиб кетаётган сувларнинг нималар тўғрисида куйлашаётганларини биласизми?» Чўпон яна жилмайиб қўйди. Улар кичкина дарёча олдида бир неча дақиқа туриб қолдилар. Йўловчилар худди дарёчанинг қувноқ овозини эшитиш учун тўхтаганларини билгандай, у янада шўх-шодон, янада баландроқ шовуллар эди. Вой-Қўрқаман Чўпон билан турган эди, тўсатдан унинг қулоқлари очилгандай бўлди, у аста-секин шовуллаётган сувнинг овозини тушуна бошлади. Албатта, бу овозларни тушунтириб бериш жуда қийин, аммо мен таржимада акс эттиришга ҳаракат қилдим. Аммо бу уринишим анчагина ожизонадир, чунки сув қўшиғини мусиқа орқали ифодалаш мумкин, аммо уни сўз билан ифодалаш анча мушкилдир. Бу ифода тахминан мана бундай жаранглайди: СУВ ҚЎШИҒИ Олдинга югуришга эринмайман, Ҳар кун шундай — тақдирим шудир. Пастликка югуриш — бу жуда маза, Тез югуришда мусобақалашиш.Бу севги қонуни бизга танишдир, Камсуқумлик — жуда улкан бахт, Ўзингни бахш этмоқ Ва оҳиста пастликка оқмоқ.Даъватни кечаю кундуз эшитамиз, Ва олдинга қараб югурамиз, Сакраб-сакраб баландликлардан пастга, Шовқин солиб водийга шошамиз.Доимо интиламиз пастликка, Пастда бўлмоқ бизнинг орзумиз, Бу ажиб ширин туйғулар, Юқоридан пастга, пастга инамиз. «Бу жуда жумбоқ», — деди Вой-Қўрқаман бир оз қулоқ солиб туриб. Сув қўшиғи — бу жилдираш, қулт-қулт, чалп-чулп, оҳ-оҳларнинг минг турда такрор-такрор товланишларидан иборат нақорат эканлигини тушуниб етди. «Бизга яна ҳам пастроққа оқишга ижозат беринг, дегандай туюлади сувларнинг шўх-шодон овозлари, чунки улар янада пастликка шошилардилар. Сиз эса мени юксакликларга чорлайсиз. Буни қандай тушуниш мумкин?» Чўпон шундай жавоб берди: «Чўққилар — пастга, дунёнинг энг пастқам жойларига саёҳатнинг бошланиш майдончасидир. Сенинг оёқларинг буғунинг оёқларидай бўлганда, сен тоғлар оша чопа оладиган, қирлар оша югура оладиган бўласан. Ана шунда сен ҳам, худди Мен каби, ўзингни бағишлаб Чўққилардан югуриб тушадиган, яна чўққиларга чопиб чиқадиган бўласан. Сен Чўққиларга бургутдан ҳам тез кўтарила оладиган бўласан. Биз бундай кучга фақат Чўққиларда эга бўла оламиз». Чўпоннинг бу мулоҳазалари Вой-Қўрқаманга ғоятда сирли, ажабтовур туюлди. Лекин энди қулоқлари очилгандан кейин, сув қўшиғини тушуна бошлагач, у ҳамма жойда бу қўшиқни такрор-такрор эшитаверди. Уларнинг йўлларини кесиб ўтган ёки сўқмоқ билан ёнма-ён оқадиган барча жилғалар бу қўшиқни куйлар эди. Дала гуллари ҳам бу қўшиқни куйлаётганга ўхшаб туюларди. Фақат улар бошқа тилда куйлашарди. Улар гуллар тилида куйлашарди, уларнинг тилини ҳам, худди сувлар тили каби, ақл билан эмас, қалб билан тушуниш мумкин эди. Улар куйлаётган қўшиқда кичик бир нақорат бор эдики, бу нақоротни минг-минглаб гуллар турли оҳангларга солиб айтишарди: Биз улуғ бир қонун билан яшаймиз, Ўзгаларга ўзни бахш этмоқ — фароғат. Шундан кейин Вой-Қўрқаманга атрофда чуғурлаётган қушлар ҳам худди шу мавзуда куйлаётгандай бўлиб туюлди. Улар ҳам шу мазмундаги сўзларни юзлаб оҳангларда куйлашарди. Қўшиқ қуйидагича жарангларди: Раббий билан қалбим бирла бўлмоқ, Қувончи қанот ато қилади доим, Бахт — бу севиш қобилиятидир. Вой-Қўрқаман завқланиб деди: «Бизнинг воҳамиз шунчалар чиройли эканини, бу ерда шу қадар ажойиб қўшиқлар эшитиш мумкинлигини мен илгари билмаган эканман». Унинг бу сўзлари Чўпонга жуда ёқди: «Фақат Севгигина барча яратилганлар қалбида яшайдиган қувонч, гўзаллик ва мусиқани тушунади, — деди У. — Икки кун аввал мен сенинг юрагингга Севги уруғини экканимни эсингдан чиқардингми? Сен олдин пайқамаган, кўра олмаган нарсаларни У кўришингга, эшитишингга ёрдам бера бошлади. Юрагингдаги Севги ўсиб боргани сайин, ўзинг илгари орзу қила олмаган нарсаларни тушуна борасан. Сенда кўп «нотаниш тиллар»ни тушуниш истеъдоди ривожлана боради, шу жумладан, сен Севги тилида гапиришни ҳам ўрганиб оласан. Аммо сен олдин Севги Алифбосини ёдлаб олишинг, оёқларинг кийикникидай бўлиши учун ҳаракат қилишинг лозим. Бу иккала нарсани сен Чўққилар йўлида ўрганиб оласан. Мана биз ҳозир дарё бўйидамиз. Дарёнинг нариги томонига тоғ этаклари келиб туташади. У ерда сенинг иккита раҳнамоингни кўрамиз, улар сени кутяптилар». «Бу ҳақиқатдан ажойиб, аммо ақл бовар ҳам қилмай-ди, — деб ўйлади Вой-Қўрқаман. — Дарёга жуда тез келиб қолибмиз-а, тоғ этакларига ҳам етиб келдик». Чўпоннинг қўлига суяниб, Унинг қудратидан мадад олаётган Вой-Қўрқаман оқсоқлигини ҳам, чарчоқни ҳам, нимжонлигини ҳам эсдан чиқарди. Вой-Қўрқаман энди фақат бир нарсани орзу қиларди: қанийди Чўпон уни йўлбошчиларга топширмасдан, Чўққигача Ўзи олиб борса эди! Шуларни ўйлаб: Чўпондан ёлвориб илтимос қилди: «Сиз мен билан бирга бормайсизми? Мен Сиз билан бўлганимдагина кучлиман. Ишончим комилки, Сиздан бошқа ҳеч ким мени Чўққиларга олиб бора олмайди». Чўпон унга меҳр билан боқиб, мулойимлик билан деди: «Мен сенинг илтимосингни адо эта олмайман, Вой-Қўрқаман. Сени Ўзим Чўққиларга кўтариб чиқишим мумкин эди, ўзинг чиқиб юрмас эдинг. Агар Мен шундай қилсам, сенда кийик оёқлари ривожланмайди, натижада сен Менга ҳамроҳ бўла олмайсан, Мен билан бирга бора олмайсан. Агар Чўққига бир мартагина ўзинг чиқсанг, йўлинг машаққатли бўлса ҳам, бардош берсанг, ваъда бериб айтаманки, оёқларинг кийик оёқларидай бўлади. Шундан кейин сен Мен билан бирга сайр қила оласан, тоғларда сакраб-сакраб юра оласан, кўз очиб-юмгунча тепаликларга чиқа оласан, пастликларга туша оласан. Борди-ю сени Мен Чўққиларга кўтариб чиқсам, сенинг юрагингдаги миттигина Севги уруғи билан сен Севги Шоҳлигида яшай олмайсан. Сен бу шоҳликнинг чегарасидан ташқарида қолиб кетасан. У ерда эса душманларинг бўлиши, улардан баъзилари тоғнинг пастки қояларида турган бўлишлари мумкин. Албатта, сен Чўққига кўтарилаётганингда уларга дуч келасан. Шунинг учун ҳам Мен сен учун энг қобилиятли, энг кучли йўлбошчиларни танладим. Аммо сени ишонтириб айтаманки, мени ёрдамга чақирганингда, узоқ масофага кетмайман, овозингни албатта эшитаман. Мен сенга кўринмайман, аммо ҳар доим сен билан бирга бўламан. Сенга ваъда бериб айтаман: олдингда турган саёҳат сенинг оёқларингни оҳуникидай қилишга ёрдам беради». «Мен Чўққига етиб борганимдан кейин, менга бошқа исм берасизми?» — титроқ овоз билан сўради бечора Вой-Қўрқаман. Шу пайт бирдан худди кар одамга ўхшаб, атрофдаги овозларни эшита олмай қолди, яна юрагини ваҳима қоплади. «Ҳа, албатта, юрагингдаги Севги гули ғунча очишига тайёр бўлганда, сен севикли бўласан, ана шунда сен янги исм оласан», дея жавоб берди Чўпон. Вой-Кўрқаман кўприк устида тўхтади-да, ортига — босиб келган йўлига назар ташлади. Водий осуда, ям-яшил бўлиб кўринар, улар чиқмоқчи бўлган тоғ эса улкан, баҳайбат қалъага ўхшаб юксалиб турарди. Узоқдан ўзи яшаган қишлоқ — Хавотирланиш қишлоғи ва уни ўраб турган дарахтзор элас-элас кўзга ташланди. Бирданига кўз олдига Чўпоннинг бахтиёр ёрдамчилари, яйлов бўйлаб ёйилиб юрган подалари, ўзи яшаган тинчгина оппоқ уйча келди-ю юрагига оғриқ кирди. Қизнинг кўзи олдидан шу манзаралар ўтар экан, ёноқларидан кўз ёшлари оқиб туша бошлади, юрагидаги тикан қаттиқроқ қадалди. У Чўпонга ўгирилиб, миннатдорчилик билан деди: «Мен ўзимни Сизга ишониб топшираман, Сиз нима десангиз, шуни қиламан». Сўнг у нигоҳини кўтариб, Чўпоннинг юзларига тикилди. Чўпон ҳам унга меҳр билан боқиб, шу пайтгача айтмаган сўзларини айтди: «Сенинг жуда гўзал томонинг бор: кўзларинг одамга ишонч билан боқади. Ишонч дунёдаги энг гўзал нарсалардан биридир. Кўзларингда ишонч барқ уриб турса, сен дунёдаги энг гўзал маликалардан ҳам гўзалроқ бўласан, менинг назаримда». Улар дарёнинг нариги қирғоғига ўтиб олишди, ҳадемай тоғ этагига ҳам етиб келишди. Тоғнинг пастроқ қояларига олиб борадиган сўқмоқ шу ердан бошланар эди. Ҳар жой- ҳар жойда харсанг тошлар ётарди. Шу тошларнинг бирида ёпинчиқларига ўралиб олишган иккита аёл ўтирар эди. Вой-Қўрқаман ва Чўпон уларнинг олдига келишди, аёллар ўринларидан туриб, Чўпонга таъзим қилишди. «Мана сенинг йўл бошловчиларинг, — деди секингина Чўпон. — Шу дақиқадан бошлаб жамики қийин тўсиқлардан, тик қоялардан ўтиб олмагунингча, улар сенга ҳамроҳ ва ёрдамчи бўлиб боришади». Вой-Қўрқаман аёлларга ҳадиксираб қаради. Аёлларнинг бўйлари баланд, ўзлари жуда бақувват кўринардилар. Аммо нега улар юзларини ёпиб олганлар? Вой-Қўрқаман аёлларга қараган сари, улардан тобора қаттиқроқ қўрқар, улар қизнинг кўзига жуда бақувват, аллақандай сирли бўлиб туюларди. Дарвоқе, улар индамай туришибди? Нега Вой-Қўрқаманга бирон яхши сўз айтишмайди? «Улар кимлар? — шивирлаб сўради у Чўпондан. — Менга уларнинг исмларини айтасизми? Нега улар менга индамаяптилар? Ёки улар гунгмилар?» «Йўқ, улар гунг эмас, — деди Чўпон паст овозда. — Улар бошқа тилда гаплашадилар. Улар гаплашадиган тоғ шевасини сен ҳали тушунмайсан. Умид қиламанки, улар билан бирга саёҳат қилганингда, аста-секин уларнинг тилларини тушуниб оладиган бўласан. Улар яхши муаллим. Чиндан ҳам улардан яхшироғини топиш қийин. Уларнинг исмларига келсак, ҳозир буни сенга ўзингнинг тилингда айтаман. Кейинроқ уларнинг исмларини ўзларининг тилларида билиб оласан». Шундай дея Чўпон биринчи аёлни кўрсатиб: «Бунинг исми Қайғу», деди. Иккинчисини кўрсатиб: «Бу Қайғунинг эгизаги, исми — Азоб», деди. Бечора Вой-Қўрқаман! Унинг ранги оқариб кетди, вужудида титроқ турди. Агар Чўпонга суяниб олмаса, ҳолдан кетиб, йиқилиб кетиши аниқ эди. «Улар билан бирга кетмайман! — чуқур хўрсиниб деди Вой-Қўрқаман. — Боролмайман! Боролмайман! Эҳ тўрам! Мени қандай аҳволга солиб қўйяпсиз?! Қандай қилиб уларга ҳамроҳ бўлиб саёҳат қиламан?! Бунга бардошим етмайди. Тоғ йўли жуда хавфли, машаққатли, деб Ўзингиз айтган эдингиз-ку! Бунинг устига, нима учун менга ҳамроҳ қилиб Қайғу билан Азобни беряпсиз! Менга Қувонч билан Тинчликни ҳамроҳ қилиб юбора олмайсизми! Улар кучимга куч қўшиб, кўнглимни кўтариб, машаққатли йўлда менга ҳамроҳ бўлардилар. Сиз мени шундай аҳволга солиб қўясиз, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим!» Вой-Қўрқаман шундай дея ҳўнграб йиғлаб юборди. Вой-Қўрқаманнинг туғёнлари портлашини Чўпон кўрди-ю, Унинг юзида аллақандай соя пайдо бўлди. Сўнг йўл бошловчиларнинг ёпиқ юзларига назар ташлаб, мулойимлик билан деди: «Қувонч ва Тинчлик ҳамроҳларини сен ўзинг учун танладингми? Эсингдами, Вой-Қўрқаман, сен «Мен учун танлаган йўлбошчиларингизни ҳеч қандай қаршиликсиз қабул қиламан», дея ваъда берган эдинг. Чунки Мен сен учун энг содиқ йўлбошчиларни танлашимга ишонардинг. Энди Менга ишонмай қолдингми? Сен улар билан Чўққиларга кетасанми ёки ортга — қариндошларинг ва Қўрқувларнинг ёнига қайтмоқчимисан?» Вой-Қўрқаман титраб кетди. Бу танлов унга ниҳоятда қўрқинчли туюлди. Чунки Қўрқувлар унга жуда яхши таниш эдилар. Қайғу ва Азоб эса у учун энг даҳшатли, энг қўрқинчли бўлиб туюларди. У қандай қилиб иккаласи билан бирга кетади, уларга ишонади? Ахир, бунга ақл бовар қилмайди-ку! Шу пайт Вой-Қўрқаман Чўпонга қарадию ҳаммасини тушунди: Вой-Қўрқаман Чўпондан шубҳаланмайди, Унга эргашмасдан, ортига ҳам қайта олмайди, қиш шамолида қолгандай титраётган қалби, бахтсиз қалби билан Уни севади. Ҳаттоки Чўпон ақл бовар қилмас нарсани талаб қилса ҳам, Вой-Қўрқаман рад қилмайди! Вой-Қўрқаман Чўпонга мунғайиб қараб деди: «Мен ортга қайтишни хоҳлайманми?! Оҳ Чўпон, мен кимнинг олдига қайтаман? Бутун оламда мен учун Сиздан бошқа яқин инсон йўқ! Қанчалик машаққатли бўлмасин, ижозат беринг, ортингиздан борай. Сизни бутун қалбим билан севганимдай, худди шундай ишонишимга ҳам ёрдам беринг!» Чўпон Вой-Қўрқаманнинг сўзларини эшитдию бошини кўтариб унга қараб, кулиб юборди. Чўпоннинг кулгусида шодлик, тантана, завқ-шавқ барқ уриб турарди. Атрофдаги тоғу тошлар, қоялар Унинг кулгусига акс садо берди. Вой-Қўрқаманга бутун тоғу тошлар Чўпон билан бирга қаҳқаҳа ураётгандай туюлди. Қаҳқаҳа акс садоси аста-секин тошлардан тошларга, қоялардан қояларга, баланд дарахтлардан дарахтларга сакраб юқорига юксалар, гўё осмону фалакка чиқиб кетгандай туюларди. Чўпон кулишдан тўхтаб, мулойимлик билан сўз бошлади: «Сен жуда гўзалсан, севгилим, сенда ҳеч қандай нуқсон йўқ». Сўнг У қўшиб қўйди: «Сен ҳеч нарсадан қўрқма, Вой-Қўрқаман, фақат ишон. Сенга ваъда бериб айтаманки, асло шарманда бўлмайсан. Қайғу ва Азоб билан бирга боравер. Агар уларни ҳозир қабул қила олмасанг, ҳали шундай қийин жойлар келадики, бир ўзинг қийналиб қоласан. Ўша пайтда сен ишонч билан уларнинг қўлларидан ушласанг, улар сени Менинг ҳузуримга олиб келишади». Вой-Қўрқаман кўзини узмасдан Чўпонга қараб турарди. Чўпоннинг юзида ўзгаларга нажот бериш ва уларни озод қилиш бахтидан мамнунлик ифодаси барқ уриб турарди. Чўпоннинг шогирди ёзган мадҳиянинг сўзлари бундан далолат бериб турарди. У қувонч билан секин куйлай бошлади: Қайғу соғинчни, кўз ёшларини, Ғаму дарддан фориғ қилади. Худойим, ғамгин дамларимда, Сен ила бирга бўлсам, мамнунман. Агар улар мен ила бирга бўлса, Мен Сенга яқинроқман. Сенга яқинроқман, Сенга яқинроқман. «Мендан олдин бу йўлдан бошқалар ҳам ўтишган, — ўйлади Вой-Қўрқаман. — Бу тўғрида улар ҳам қўшиқлар айтишган. Наҳотки, шундай меҳрибон, кучли киши менга нисбатан хоинлик ва шафқатсизлик қилса?! Шогирдларини қўрқувлардан халос қилиш ва уларни Чўққиларга олиб чиқиш — унга энг катта бахт ҳамда шодлик бағишлаши кундай равшан-ку!» Шу билан бирга, унинг хаёлига «Агар мен қанчалик тезроқ янги йўлбошчиларим билан йўлга чиқсам, шунчалик тез Чўққиларга чиқиб оламан», деган фикр келди. Вой-Қўрқаман ўранган аёллар томонга қадам қўйди ва ўзига бегона бир довюраклик билан деди: «Мен сизлар билан бирга кетаман. Марҳамат, менга йўл кўрсатинг». Аммо шундан кейин ҳам у аёлларнинг қўлидан ушлашга ўзини мажбур қила олмади. Чўпон яна кулиб юборди: «Мен Ўзимнинг дунёимни сен билан қолдираман. Менинг қувончларим ҳам сенга бўлсин. Ёдингдан чиқарма: Мен сени Чўққиларга олиб бораман, дедим. Сенга ҳеч қандай зиён етказмасдан ана шу тоғ Чўққиларига олиб чиқаман, бунга ишончинг комил бўлсин. Энди эса „Кун салқин бўлиб, соялар кетгунча қайтиб кел, ёш кийикка ўхшаб қол“ (2:17-қўшиқ)». Вой-Қўрқаман ҳали нима бўлаётганини яхши англаб улгурмасдан, Чўпон сўқмоқ ёнидаги катта харсанг тош устига сакраб чиқди. Кейин иккинчисига, чаққонлик билан учинчисига… Қиз унинг ортидан қараб қолди. Чўпон қоядан қояга, тошдан тошга, сакраб, бир неча сониядан кейин кўздан ғойиб бўлди. Чўпон кетгандан кейин, Вой-Қўрқаман ўз ҳамроҳлари билан тоғ Чўққиларига қараб йўл олди. Четдан кузатаётган кишига бу ажиб бир воқеа бўлиб туюларди. Вой-Қўрқаман оқсоқлана-оқсоқлана Чўққилар сари интилар, ёнида унга қўлларини ёрдамга узатаётган ҳамроҳларидан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қилар, гўё уларни кўрмаётгандай эди. Аммо бу ғалати томошани кўрадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Чунки кийик оёқларининг ривожланиш жараёни ҳеч қандай томошабинсиз бўлиб ўтадиган яширин жараёндир. Бунга ишончингиз комил бўлсин! 5-боб. Такаббурлик билан учрашув Вой-Қўрқаман энг бошиданоқ йўл ўзи ўйлаганидан ҳам анча машаққатли эканлигини билди. Орадан озгина вақт ўтмасданоқ ҳамроҳларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Ҳар сафар Қайғунинг ёки Азобнинг қўлига таянганда, у вужудида қаттиқ оғриқ сезарди. Ҳамроҳларида эса ақлга сиғдириб бўлмас даражада куч борлигини ҳис қилиб турарди. Ҳатто йўлнинг энг қийин жойларида улар қизни қўлларида кўтариб ўтишарди. Ростини айтганда, агар улар бўлмаганларида Вой-Қўрқаман бу йўллардан бир ўзи ўтишини тасаввур ҳам қилолмасди. Чунки бу йўл ундан ҳам бардошлироқ, ундан ҳам кучлироқ одамни ҳолдан тойдириши турган гап эди. Орадан маълум вақт ўтгач, қиз шуни тан олдики, у Қайғу ва Азобнинг ёрдамига фақат йўл қийинлиги учунгина эмас, балки ўзининг нимжонлиги, оқсоқлиги учун ҳам муҳтож экан. Саёҳат давомида ҳар жойда уларга ёвуз ниятли одамлар дуч келаверди. Агарда у бир ўзи бўлганда эди, ўша ғанимлар уни аллақачон ортига қайтишга мажбур қилган бўларди, буни ўйлагани сари у ажабланар, қаттиқ хафа бўлиб кетарди. Буни яхшироқ тушунтириш учун биз ортга — Хўрланиш водийсига қайтишимизга тўғри келади. Қани, қарайлик-чи, у ерда нималар юз беряпти экан? Э ҳа, Қўрқувлар уруғининг барча аъзолари Вой-Қўрқаманнинг водийдан қочиб кетганини билиб, қаттиқ ғазабландилар. Улар Чўпонни жуда ёмон кўрардилар, шунинг учун Вой-Қўрқаман Чўпон билан кетгани уларга жуда алам қилди. Вой-Қўрқаман бахтиқаро, ногирон бўлиб юрган пайтларда қариндошлар унга бепарво қарар эдилар. Энди Чўққиларда яшаш учун айнан Вой-Қўрқаман танлангани уларга тинчлик бермас эди. Балки уни улуғ Шоҳ саройига хизматга ҳам олишар. Хўш, ким бўлибди ўша Вой-Қўрқаман?! Нега келиб-келиб Чўққиларда яшаш учун айнан Вой-Қўрқаманни танлашибди экан? Нега оиланинг бошқа аъзолари Хўрлик водийсида аранг кун кўриб юрганларида, Вой-Қўрқаман Чўққиларда яшаши керак экан?! Йўқ, улар Чўққиларга боришни асло хоҳламайдилар, худо сақласин. Аммо Вой-Қўрқаман кетганига ҳам улар асло тоқат қила олмайдилар! Уларнинг кўз олдида Вой-Қўрқаман нотавон, ландовур бир қиздан муҳим одамга айланиб қолди. Унинг тақдири билан яқин қариндошларигина эмас, узоқ қариндошлари ҳам қизиқа бошладилар. Чиндан ҳам Вой-Қўрқаманнинг водийдан қочиб кетгани Шоҳ хизматкорларидан бошқа ҳамманинг ғазабини келтирди. Улар: «Чўпоннинг режалари амалга ошмаслиги учун Вой-Қўрқаманни қайтариб олиб келамиз», деган қарорга келдилар. Энг нуфузли қариндошлари катта кенгашга йиғилдилар. Улар Вой-Қўрқаманни қайтариб олиб келиш учун энг самарали усулларни қидира бошлашди. Ниҳоят, улар: «Вой-Қўрқаманни қайтариб олиб келиш учун тез орада биронтасини юборамиз ва уни қайтиб келишга мажбур қиламиз», деб қарор қабул қилдилар. Лекин фитначилар очиқдан-очиқ куч ишлата олмасликларини ўзлари билиб турардилар. Чунки Вой-Қўрқаман Улуғ Чўпоннинг ҳимояси остида бўлиб, бу ҳолат уларнинг фитналарига ҳалақит берарди. Демак, уни қайтариб олиб келиш учун ҳийла ишлатишдан бошқа чора йўқ. Аммо қандай ҳийла ишлатиш мумкин? Уни ким амалга оширади? Улар ўйлай-ўйлай Вой-Қўрқаманнинг ортидан оиланинг узоқ қариндошларидан Такаббурни юборишга қарор қилишди. Қариндошлар бир неча сабабларга кўра уни танлашди. Аввало, у фақат кучли ва бақувват бўлиб қолмай, балки чиройли, келишган йигит ҳам эди. Агар у истаса хоҳлаган одамни ўзига ром қила оларди. «Агар ҳеч нарса ёрдам бермаса, Такаббур ҳеч иккиланмасдан бутун тажрибасини ишга солиб, Вой-Қўрқаманни ўзига мафтун қилиб, Чўпонни тарк этишга кўндириши лозим», деб ҳисоблашарди Қўрқоқлар. Қолаверса, Такаббур табиатан жуда мағрур одам эди. У бирон ишда мағлубиятни тан олмасликка ҳаракат қиларди. У мақсадига эришмагунча ортига қайтмас, мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмас эди. Вой-Қўрқаманни қайтариб олиб кетмаса, у мағлубиятга учраганини аниқ тан олган бўларди. Шунинг учун ҳам у бу ишни ўз зиммасиги олганда, ҳамма енгил нафас олиб, муаммо ҳал бўлди, деб ўйлади. Хуллас, Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан бир неча кун йўл босдилар. Бир куни эрталаб у ўзи томонга келаётган Такаббурни кўриб қолди. Албатта, у бу кутилмаган учрашувдан ҳайрон бўлди, ўзини йўқотиб қўйди, бу ҳаяжон бекорга эмас эди. Чунки бу амакиваччаси Вой-Қўрқаманни жуда ёмон кўрар, асло назар-писанд қилмасди. Шунинг учун Вой-Қўрқаман у билан гаплашишни ҳеч ҳам кутмаган эди. У: «Такаббур мени менсимайди, ёнимдан кеккайиб ўтиб кетади», деб ўйларди. Такаббур эса уларнинг олдига келишдан олдин бир неча соат уларни кузатиб юрди. Чўпон улар билан бирга эмаслигидан жуда хурсанд бўлди. Вой-Қўрқаманнинг икки ҳамроҳи у билан бирга бўлса ҳам, Такаббурга ҳалақит бермас эди. Шунинг учун улар рўпара келганларида, Такаббур тўхтади ва Вой-Қўрқаманга салом берди. Вой-Қўрқаман бундан лол қолди. «О амакиваччам Вой-Қўрқаман охири сени учратдим-а. Сенга етиб олай деб ўлгудай ҳаллослаб, ҳолдан тойдим». «Аҳволларингиз яхшими, муҳтарам амакиваччам Такаббур?» — дея соддадиллик ҳол-аҳвол сўради Вой-Қўрқаман. Албатта, у ақллироқ бўлиши керак эди. Водийдаги қариндошларидан бўлгани сабабли, амакиваччасига салом бермаслиги, умуман тўхтамаслиги, гаплашмаслиги керак эди. Аммо шунча йиллардан буён уни назарига илмай келаётган амакиваччасининг тўхтаб саломлашгани унга жуда ёқиб тушган эди. Қолаверса, Вой-Қўрқаманга ҳам ёқиб қолди. Албатта, бу амакиваччасининг ўрнига ваҳимали, жирканч Қўрқувқўрқоқ борганда эди, уни йўлидан тўхтатишга ва у билан гаплашишга ҳеч нарса мажбур қила олмаган бўларди. Такаббур қизнинг қўлидан ушлаб жиддий равишда деди (бу йўлнинг кенгроқ жойида рўй бериб, худди шу жойда Вой-Қўрқаман қўлларини Қайғу ва Азобдан тортиб олган эди): «Вой-Қўрқаман, мен сенга ёрдам берай деб бу йўлни босиб ўтдим. Илтимос қиламан: ижозат бергин, сенга ёрдам кўрсатай, гапимни диққат билан эшит. Азиз амакиваччам, сен бу ғалати саёҳатдан воз кечишинг, мен билан бирга водийга қайтишинг лозим. Қандай аҳволга тушиб қолганингни, келгусида бошингга қандай савдолар тушишини англаб етмаяпсан. Сени бу ахлоқсиз саёҳатга бошлаган кимса (Такаббур Чўпоннинг исмини овоз чиқариб айтишга мажбур қила олмади) олдин ҳам қанчадан қанча одамларни алдаб йўлдан урган. Агар сен ўжарлик қилиб йўлингдан қайтмасанг, ҳолинг нима бўлишини биласанми? «Мен сени Чўққиларга олиб чиқаман, у ерда бахтли яшаймиз» деган ваъдалари ҳаммаси ёлғон. У сени тоғнинг кимсасиз, қўрқинчли жойларига бошлаб боради-да, ёлғиз ташлаб кетади. Оқибатда бир ўзинг шарманда бўлиб қолаверасан». Бечора Вой-Қўрқаман қўлларини Такаббурнинг қўлларидан тортиб олишга уринарди. Чунки у амакиваччасининг асл мақсадини тушунган, унинг кўзларида Чўпонга нисбатан қаҳр-ғазаб акс этиб турарди. Аммо у қўлларини тортиб олишга қанчалик уринмасин, кучи етмасди. Амакиваччаси Такаббур унинг қўлларини тобора қаттиқ сиқарди. Вой-Қўрқаман бир мартагина Такаббурнинг гапига қулоқ солгани учун унинг қўлидан қутулиб чиқиш қийин эканини тушуниб етди. Амакиваччасининг кўзлари унинг нафратини қўзғатар эдию, лекин қўллари унинг қўлларида бўлгани учун ҳам гаплари тўғрига ўхшаб туюларди. Ахир, унинг хаёлига ҳам шу фикрлар келмаганмиди?! Хаёлининг туб-тубида ҳозиргина Такаббур сўзлаган гаплар пайдо бўлмаганмиди?! Агар Чўпон уни ташлаб кетмаса ҳам (бундай бўлишига у ишонмас эди), унга ҳамроҳ қилиб Қайғу ва Азобни танлаган одам уни қариндошлари олдида шарманда қилиб қўярмиди?! У ҳамманинг олдида кулги бўлиб қолмасмикан? Чўпон уни яна қандай синовлардан ўтказар экан? (Вой-Қўрқаманнинг манфаати учун бу тўғрида ўйлашнинг ўзиёқ қўрқинчли.) Айтгандай, Такаббур унинг қўлидан ушлаб турибди, ахир. Бу даҳшат-ку! Бирдан Вой-Қўрқаманнинг хаёлига шу фикр келиб қолди. Такаббурнинг сўзларидан Вой-Қўрқаман қўрқиб, ихтиёрини унга топшира бошлади. Қўлларнинг бир-бирига тегиши билан эса Такаббурнинг сўзлари мўлжалга тегиши аниқ. «Қайт, Вой-Қўрқаман! — деди ҳаяжон билан амакиваччаси. — Кейин кеч бўлиши мумкин. Менинг гапларим тўғри эканига юрагингнинг туб-тубидан ишониб турибсан, ҳамманинг олдида шарманда бўлишингни ўзинг ҳам билиб турибсан. Ҳали вақт бор, қайт бу йўлдан! Чўққиларда яшаш тўғрисидаги ёлғон ваъдалар сенга қимматга тушмасмикан? Ўша Чўққилардан излаётганинг нима ўзи, нимани топмоқчисан ўша афсонавий Чўққилардан?» Вой-Қўрқаман ўз хоҳиш-иродасига хилоф равишда, бутун ихтиёрини амакиваччасига топшириб қўйган эди. Шунинг учун Вой-Қўрқаман «Мен Севги Шоҳлигини излаяпман» деган сўзларни қўрқа-писа айтишга Такаббур мажбур қилди. «Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим, — тиржайди Такаббур. — Қалбинг истаётган нарсани излаяпсан, тўғрими? Менга айт-чи, Вой-Қўрқаман, сенда озгина бўлса ҳам ғурур борми?! Тан олавер, Вой-Қўрқаман, сен шунчалик нотавон ва бадбашарасанки, водийда ҳеч ким сени чин юракдан севмайди. Бу аччиқ ҳақиқат: фақатгина бенуқсон, бекаму кўст гўзаллар киритиладиган Севги Шоҳлигида сени биров севиб қолишига ишонасанми? Наҳотки сен ўзинг истаган нарсангни ўша ердан топишингга ишонасанми? Йўқ, тополмайсан. Буни мен сенга айтяпман. Ўзинг ҳам буни сезиб турибсан. Ҳеч бўлмаганда, ўзинг ҳақиқатни эътироф эт, бу йўлдан қайт. Мен билан кетасан». Бечора Вой-Қўрқаман! Орқага қайтиш истагини енгиб бўлмасдай туюларди унга. Лекин Такаббур Вой-Қўрқаманнинг қўлларидан ушлаб, ҳар бир сўзини ҳақиқат сифатида уқтираётган пайтда, унинг кўз олдига Чўпоннинг чеҳраси келди. У Чўпоннинг мулойим нигоҳини эслади, унинг қулоқлари остида Чўпоннинг ваъдаси эшитилиб турарди: «Сенинг олдингда онт ичиб айтаманки, Мен сени чўққиларга олиб бораман, сен асло шарманда бўлмайсан». Сўнг Вой-Қўрқаманнинг қулоқлари остида яна шундай майин қўшиқ жаранглади, қўшиқни Чўпон худди ўзидан нур таратаётган суратга қараб айтаётгандай эди: О, севгилим, Менинг гўзалим, Кўзларинг осмондай бепоён, мовий, Бутун борлиғинг-ла гўзалсан, севгилим, Ҳеч нуқсонинг йўқ сенинг. Такаббур нималар бўлаётганини англаб етмасданоқ Вой-Қўрқаман тоғлар томонга қараб бор овози билан ёрдам сўраб бақирди: «Чўпон, келинг! Тезроқ келинг! Ҳаялламай келинг, эй тўрам!» Ўша заҳоти қулаётган тошларнинг овози эшитилди, бир дақиқа ўтар-ўтмас, Чўпон уларнинг олдида ҳозир бўлди. У ғазаб билан ҳассасини кўтариб турарди. Чўпоннинг бир зарбидан кейин, Такаббур қизнинг қўлини қўйиб юборди-ю сўқмоқдан қоқилиб-сурилиб пастликка томон югуриб кетди. Бир лаҳзада кўздан йўқолди. «Вой-Қўрқаман, — деди Чўпон, унинг овозида юмшоқ таъна сезилиб турарди. — Нега у олдингга келишига, қўлингдан ушлашига изн бердинг? Агар ҳамроҳларингнинг қўлларидан ушлаганингда эди, бундай воқеа ҳеч қачон содир бўлмасди». Вой-Қўрқаман илк бор ўз ихтиёри билан қўлларини ҳамроҳларига чўзди. Ҳамроҳлари унинг қўлларини шундай қаттиқ сиқишдики, олдин ҳеч қачон бунақангни оғриқ, азоб бермаган эди. Шундай қилиб, Вой-Қўрқаман Чўққилар йўлида биринчи жиддий сабоқни олди. Агар йўлда тўхтаб Такаббур билан суҳбатлашсанг, унинг заҳарли таъналарига қулоқ солсанг, энг ёмони, ўзингга тегишига, қўлингдан ушлашига изн берсанг, шунчалик машаққатга дуч келасанки, буни тасвирлаш имкони йўқ, юрак азоби заҳардан ҳам баттар ғурбатли бўлади. Устига устак, Вой-Қўрқаман водийни тарк этганидан буён бугунгичалик оқсоқланмаган эди. Чунки Такаббур унинг оёғини босиб олганди. Энди Вой-Қўрқаман баттар оқсоқланар, оёқлари янаям зирқирар эди. 6-боб. Саҳродаги дарбадарлик Вой-Қўрқаман Такаббурга дуч келгандан кейин, ҳамроҳлари билан йўлда давом этди. Аммо оқсоқланаётгани учун янада секинроқ ҳаракат қиларди. Шунга қарамай, Вой-Қўрқаман йўл бошловчиларнинг ёрдамини бажонидил қабул қилди. Амакиваччаси билан бўлиб ўтган тўқнашув унутилиб, Вой-Қўрқаман дадилроқ юра бошлади. Бир куни Вой-Қўрқаман сўқмоқдан қайрилди-ю қўрқув ва ҳаяжондан бир зумда ўзини йўқотиб қўйди: унинг кўз олдида бепоён чўлу биёбон ястаниб ётарди. Инсон нигоҳи етиб борадиган жойгача фақат қум барханлари ястаниб ётар, биронта тиккайган дарахт ёки бута кўринмасди. Саҳронинг рутубатли ҳаётини фақат битта нарса — қум барханлари устида дўппайиб турган кўҳна, маюс ва оппоқ сочли ғалати пирамидалар «бузиб» турарди. Бахтга қарши, Вой-Қўрқаманнинг иккала ҳамроҳи пастга қараб кетган тик сўқмоқдан тушгани тайёрлана бошлади. Вой-Қўрқаман қоққан қозиқдай туриб қолди, ниҳоят, аранг сўз очди: «У ёққа бориш керак эмас. Ахир, Чўпон мени Чўққиларга даъват қилган. Биз пастликка эмас, юқорига борадиган йўлни топишимиз керак». Аммо аёллар имо-ишора билан, бизнинг ортимиздан юр, дегандай қилиб, пастга — саҳро йўлига тушишни Вой-Қўрқаманга уқтирдилар. Вой-Қўрқаман у ёқ- бу ёққа қаради, баландликларга олиб чиқадиган йўл йўқ эди. Бирдан улар бораётган сўқмоқ тугади. Ҳар томонда баланд тик қоялар виқор билан турарди. Қоялар силлиқлигидан улар орқали баландликларга чиқишнинг имкони йўқ эди. «Мен у ёққа туша олмайман», деди кўнгли хира бўлиб Вой-Қўрқаман. У қўрққанидан ўзини ёмон ҳис қила бошлади. «Чўпон бу йўлдан юришимизни ҳеч қачон назарда тутмаган. Ҳеч қачон! У мени юқорига — Чўққиларга чорлади. Ҳозирги ҳаракатимиз — пастга тушишимиз эса у айтган гапларнинг тамомила аксидир». Шундан кейин у ночор қолганидан баланд овоз билан Чўпонни чақира бошлади: «Чўпон! Ёнимга келинг! Сиз менга кераксиз! Ёрдам беринг менга!» Шу заҳоти Вой-Қўрқаманнинг ёнида Чўпон пайдо бўлди. «Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, Чўпоним! — деди Вой-Қўрқаман умидсиз оҳангда. — Сиз менга бириктирган йўл бошловчилар саҳрога йўл бошлаяптилар, биз пастга тушишмиз керак экан. Аммо биз саҳрога тушсак, йўлдан қайрилиб кетамиз-ку! Ахир, Чўққиларга бошқа томонга юришимиз лозим. Сиз эса бундай деб айтмаган эдингиз. Сиз Ўзингизга Ўзингиз зид ҳаракат қила олмайсиз. Уларга айтинг бу ёққа юрманглар, деб. Бизга бошқа йўлни кўрсатинг. Бизга йўлимизни аниқ қилиб очиб беринг. Сиз ваъда берган эдингиз-ку!». Чўпон унга қаради-да, мулойимлик билан деди: «Бу ўша йўл, Вой-Қўрқаман, сен шу йўлдан пастга томон юришинг керак». «О, йўқ! — ҳайқирди Вой-Қўрқаман. — Бу гапни Сиз айтишингиз мумкин эмас! Ахир, Ўзингиз айтган эдингиз-ку, Менга ишонсанг сени Чўққиларга олиб бораман, деб. Бу сўқмоқ эса тескари томонга олиб боради. Берган ваъдаларингизга бу тамомила тескари-ку!» «Йўқ! — деди Чўпон. — Бу ваъдамга зид эмас, аксинча энг яхши нарсалар учун имкон бўлсин, деб орқага суришдир бу». Вой-Қўрқаман юрагида шундай оғриқ сездики, худди биров пичоқ ургандай бўлди. Мен шу сўқмоқдан пастга юришим керакми?! Мана шу кимсасиз, ёввойи жойларга, чўлу биёбонга, тескари томонга юришим керакми?! Сиз шундай демоқчи бўлдингизми? Сиз ростдан ҳам шуни хоҳлайсизми? Қаерга олиб бориши номаълум бўлган йўлдан юришимни истаяпсизми? Аммо нима учун?» Вой-Қўрқаманнинг овозида дардли йиғи оҳанги сезилди: «Бу тоғлар орқали ортга, тоғлар томонга қайтишимиз учун ойлар, балки йиллар керак бўлар. Эҳ Чўпон, энди биз номаълум вақтга ортга юрамизми, а? Сиз шундай демоқчимисиз?» Чўпон ҳа дегандай бошини силкиди. Вой-Қўрқаман Унинг оёқлари остига тиз чўкди. Чўпон Ўзининг хоҳишига зид равишда Вой-Қўрқаманни четга олиб кетар экан, уни қачон қайтариб олиб келиш тўғрисида оғзини ҳам очмас эди. Вой-Қўрқаман кўзларига чексиз бўлиб туюлган қум барханларига назар ташлади. Чексиз қум барханлари орасида сўқмоқ элас-элас кўзга ташланиб турар, ана шу сўқмоқ уни Чўққилардан узоқ-узоқларга олиб кетмоқчи бўларди. Атроф эса фақат саҳро, чўлу биёбон. Кейин Чўпон астагина сўради: «Сен Мени қанчалик севасан, Вой-Қўрқаман? Мана шу орқага сурилишни севгинг қанчалик қабул қила олади? Ўзингнинг фикрингча, Менинг ваъдаларимга зид бўлган нарсани ҳам қабул қила оласанми? Мен билан бирга саҳрога тушишга тайёрмисан?» Юракни эзиб йиғлаётган, ҳамон ерда ётган Вой-Қўрқаман кўзларида ёш билан Чўпонга қараб, Унинг қўлларидан ушлаб, бутун вужуди титраган ҳолда деди: «Узингиз биласиз, мен Сизни жуда яхши кўраман. Кўз ёшларимни тия олмаганим учун мени кечиринг. Мен Сиз билан бирга саҳро бўйлаб ўтаман. Сиз шуни хоҳлаган бўлсангиз, Сиз билан бирга тамомила тескари томонга юраман. Гарчи бунинг сабабини айтмасангиз ҳам, Сиз билан бирга кетаман! Чунки мен Сизни севаман, буни Ўзингиз ҳам биласиз. Ахир, Сиз менга нисбатан нимани истасангиз, шуни танлаш ҳуқуқи берилган-ку!» Бу пайтда ҳали тонг энди отаётган эди. Осмону фалакда, саҳронинг жимжит кенгликлари устида янги ой ўроқ сингари осилиб турарди. Ой ёнбошида олмосдай тонг юлдузи нур сочиб турарди. Вой-Қўрқаман шу ерда биринчи марта тошлардан қурбонгоҳини ясади. Кейин Чўпоннинг ёнида турган ҳолда, ўзининг титраётган исёнкор иродасини қурбонгоҳда қурбонлик қилди. Қаердандир оловнинг кичкина тили пайдо бўлди, бир дақиқадан кейин тош устида бир ҳовуч кулдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Аниқроқ айтганда, Вой-Қўрқаман аввалига, бу ерда кул қолди, холос, деб ўйлади. Аммо Чўпон унга: «Яхшилаб қара!» деб буюрди. Вой-Қўрқаман кул орасида қандайдир тўқ рангли тош кўрди. Бу тош оддийгина, силлиқ тош эди. «Буни ол, ўзинг билан олиб юр, — деди Чўпон мулойимлик билан. — Бу тош сенга биринчи қурган қурбонгоҳингни эслатиб туради. Бу ерда нима воқеа юз берганини ҳам ёдингда тут».Вой-Қўрқаман тошчани кул орасидан олди. У шуни ҳис қилиб турардики, бу ерда юз берган воқеани ва бу қурбонгоҳни хотирасидан чиқара олмайди. Қандай қилиб ҳам эсдан чиқара оларди?! У хаёлидан шуларни ўтказар экан, бирон сўз демасдан тошни олиб, Чўпон берган халтачага солиб қўйди. Шундай қилиб, улар саҳрога йўл олдилар. Вой-Қўрқаман дастлабки қадамлардаёқ бутун вужудида аллақандай шодликни, мамнунлик ҳиссини сезди. Демак, Чўпон уни кузатиб боради. Энди фақат Қайғу ва Азоб унинг ягона ҳамроҳлари эмас, Чўпон унинг ёнида! Вой-Қўрқаман сўқмоқдан тушаётганда, Чўпон оҳангдор бир қўшиқни куйлай бошлади. Вой-Қўрқаман бу қўшиқни илгари ҳеч эшитмаган эди. Қўшиқчининг ширали овози, қўшиқнинг тасалли берувчи оҳанги унинг дардига малҳамдай ёқиб тушди. Бу қўшиқ унга, Чўққиларга боришинг кейинга сурилганининг сабаблари мана шулардир, деб гапираётгандай бўларди. Чўпон мана бундай куйларди: ЁПИҚ БОҒ Севгим, сен гўё бир ёпиқ боғсан, Мевангдан тотмоқ мумкинмас. Баҳор кечикди, булоқ қуриди, Тирик сув бизга керакдир.Шимолу жанубдан эсган бу еллар, Менинг боғимни уйғотинг тезроқ. Ажиб баҳорнинг муаттар бўйин Атрофга таратсин турфа ранг гуллар. Саҳрога олиб борадиган сўқмоқ чиндан ҳам тик эди, аммо улар бу сўқмоқдан шунчалик тез юриб бордиларки, бунга ҳайратланмасдан мумкин эмасди. Чўпоннинг мадади билан бораётгани учун Вой-Қўрқаман ўзини бардам, тетик ҳис қилар, заифлигини асло сезмас эди. Дастлабки кун охирида улар қум тепаликларидан ўтиб, аллақандай кулбаларга етиб келишди. Кулбалар энг катта эҳромлардан бирининг остида жойлашган эди. Йўловчилар шу ерда тунаб қолмоқчи бўлдилар. Қуёш ботиб, осмон ғарбда оловранг қизғиш тусга кирганда, Чўпон Вой-Қўрқаманни эҳром ёнига олиб борди. «Вой-Қўрқаман, — деди Чўпон. — Чўққиларга кетаётганда, албатта мана шу саҳрони айланиб ўтишга тўғри келади. Бу саҳрони Миср ўчоғи, зулмат ва қўрқинчли макон деб айтадилар. Менинг хизматкорларим бу ердан ўтганларида, илгари билмаганларини айнан шу ерда билиб олишарди. Иброҳим шу йўлдан юрган биринчи хизматкоримдир. Бу эҳром ўша пайтда — Иброҳимнинг илк бор кўзлари тушган пайтда ҳам навқирон, кўҳна эди. Ундан кейин кўзларида ёш, юракларида дард билан Юсуф келди. У ҳам темир ўчоқ сабоғини ўзлаштириб, унга қаради. Ўшандан буён Менинг жуда кўп хизматкорларим шу йўлдан ўтдилар. Улар бу ерда Шоҳликнинг сирларини билишга келганлар. Мана энди сен ҳам бу ердасан, Вой-Қўрқаман. Сен ҳам уларнинг қаторидасан. Бу улуғ шараф, агар ўзинг хоҳласанг, сендан илгари ўтганлар каби, бу улкан зулмат ҳамда темир ўчоқ сабоғини ўзлаштириб оласан. Бу печнинг ёнига тушадиганлар, томирларидан шоҳлар қони оқаётгандай, шаҳзодалар ва маликалар каби йўлларини давом эттирадилар». Вой-Қўрқаман кимсасиз саҳрода ботаётган қуёш нурларида қорайиб турган танҳо эҳромларга боқди. Олдин кўрган иншоотларнинг ичида эҳромлар энг улкани ва улуғи бўлиб туюлди. Бирдан аллақаёқдан одамлар пайдо бўлиб, саҳро улар билан тўлиб кетди. Улар Вой-Қўрқаманнинг ёнидан турнақатор бўлиб тўхтовсиз ўтиб боришарди. Ана, Иброҳим Сора билан кетяпти, номаълум юртларга сафар қилганларнинг биринчиси. Мана буниси эса Юсуф, акалари унга хоинлик қилиб, яралаганлар ва сотиб юборганлар. Ўзи туғилиб ўсган юртни соғинганидан кўзларида ёш, шу бегона эҳромларнигина кўрган. Вой-Қўрқаман булардан кейин яна кўп одамларни кўрди, улар саҳродан кети узилмай, тўхтовсиз ўтиб боришарди. Ниҳоят, энг охирида ўтиб бораётган одам Вой-Қўрқаманга қўлларини чўзди. Вой-Қўрқаман унинг қўлларидан ушлади. Мана энди Вой-Қўрқаман ҳам шу буюк занжирнинг бир ҳалқаси. Вой-Қўрқаман мана бу сўзларни аниқ-равшан эшитди: «Мисрга боришдан қўрқма, мен у ерда сендан буюк халқ яратаман. Мен сен билан бирга бўламан. Кейин сени у ердан қайтариб олиб чиқаман» (Ибт. 46:3,4). Вой-Қўрқаман билан Чўпон тунагани кулбалардан бирига қайтиб келишди. Эрталаб Чўпон Вой-Қўрқаманни уйғотди, улар яна йўлда давом этдилар. Бу сафар Чўпон эҳром деворидаги кичкина эшикчани очиб, Вой-Қўрқаманни ичкарига таклиф қилди. Бу ерда бинонинг ичкарисига олиб борадиган йўлак бор эди. Йўлак охиридан эса юқори қаватларга олиб чиқадиган айланма зинапояга ўтиларди. Чўпон яна биринчи қаватдаги асосий меҳмонхона эшигини очди, бу ердан бошқа энг катта хонага ўтиларди. Бу хона дон сақланадиган омборга ўхшарди. Улар шу ерга кирдилар. Хона ўртасидаги озгина жойдан бошқа ҳамма жойга уюм-уюм қилиб дон тўкилган эди. Хонадаги эркаклар ҳар хил усуллар билан турли навдаги донларни янчаётган эканлар. Баъзиларда майда янчилган ун, баъзиларида эса йирикроқ янчилган ун. Ерда аёллар ўтиришар, ҳар бирининг олдида силлиқ ва ўйилган тошлар бор эди. Улар олий навли буғдойни янчаётган эдилар. Вой-Қўрқаман уларнинг ишларини кузатиб турди: аёллар аввалига майдаланиб кетгунча донни урардилар, дон майдалангач тўхтардилар. Дон майда унга айланмагунча ураверардилар. Мана шу янчилган майда ундан юқори навли нон тайёрлашарди. «Кўряпсанми, — деди мулойимлик билан Чўпон, — доннинг турли навларини янчиш усуллари турличадир. Майда-йириклиги нима тайёрлашга боғлиқ». Кейин у қуйидаги сўзларни келтирди: «Қора донни тишли ғалтак билан янчишмайди, зирани янчадиган ғалтакни ғилдиратмайдилар, балки қора донни таёқ билан савалайдилар, зирани ҳам шундай қиладилар. Нон қиладиган донни янчадилар, лекин майдаламайдилар, унинг устида дон янчадиган ғилдираклар қўйилган отларни юргизадилар, аммо эзмайдилар» (Ишаё 28:27, 28). Вой-Қўрқаман аёлларнинг оғир тошлар билан буғдойни қандай янчаётганларини кўриб, бу жараённинг узоқ этишига эътибор берди. Юқори навли ун тайёр бўлиши учун жуда кўп вақт талаб қилинар экан. Бир пайт Вой-Қўрқаман Чўпоннинг овозини эшитди: «Мен халқимни Мисрга олиб бораман, халқим бошқалар учун нон бўлсин, деб уни майда қилиб янчишади. Лекин шуни ёдингда тут: буғдой донларини қанчалик савашса ҳам, ҳеч ким уларни умрбод янчмайди. Янчилган ва майдаланган дон истеъмолчи учун тайёр бўлгунча, бу иш давом этаверади. Ниҳоят, Сарвари Олам пайдо бўлади. Унинг тақдири ажойибдир, донишмандлиги бениҳоя кенгдир» (Ишаё 28:29). Шундан кейин Чўпон уни асосий хонага қайтариб олиб чиқди, иккалови айланма зина орқали юқорига кўтарила бошладилар. Зина қоронғу эди. Чўпон билан Вой-Қўрқаман эса фақат юқорига кўтарилавердилар. Иккинчи қаватда улар кичкина бир хонага кирдилар. Хонанинг ўртасида каттакон ясси, худди столдай келадиган кулоллар чархи турган экан. Чарх олдида кулол лойдан турли буюмлар ясарди. У кесиб, кузатиб, ўз хоҳиши бўйича лойга шакл берарди. Лой эса кулолнинг ҳар бир ҳаракатига итоат этиб, чарх устида итоаткорона бош эгарди. Кулолнинг ишини кузатиб турган Чўпон Вой-Қўрқаманга деди: «Мен ҳам Мисрда Ўзимнинг энг яхши, чиройли идишларимни ясайман. Қандай асбоб лозим бўлса, ўшани ўзим олиб келаман» (Ерм. 18). Кейин Чўпон кулиб қўшиб қўйди: «Мен ҳам сенга шу кулол сингари муносабатда бўлишим мумкин-ку! Мана, кулолнинг қўлида лой бўлгани сингари, Менинг қўлимда сен борсан-ку!» (Ерм. 18:6). Шундан сўнг Чўпон Вой-Қўрқаманни зинапоя орқали энг юқори қаватга олиб чиқди. У ерда иккалови темир ўчоқ бор хонага кирдилар. Бу хонада олтин эритилиб, тозаланар экан. Эритиш хонасида олтиндан ташқари ҳали йўнилмаган тош бўлаклари ва турли қотишмаларга бой тоғ жинслари ҳам бор эди. Бу тоғ жинсларини қаттиқ қиздирилган эритиш ўчоғига қўйиб, бир неча дақиқа қолдирдилар. Тоғ жинсларини ўчоқдан олганларида, ялтироқ қимматбаҳо тошлар ҳосил бўлганини кўрдилар. Қимматбаҳо тошлар шунчалик ялтироқ эдики, уларнинг ичида гўё олов ёнаётганга ўхшарди. Оловга қараб турган Вой-Қўрқаман Чўпон билан ёнма-ён турар экан, Ундан қуйидаги ажойиб ҳикматли сўзларни эшитди: «Бўронларда қолиб кетган, тасалли топа олмаган бечора! Сенинг деворларингни қимматбаҳо тошлардан қиламан, уйингнинг пойдеворини олмослардан қураман, ойналарингни ёқутдан, дарвозангни марвариддан, барча деворларингни қимматбаҳо тошлардан қилиб бераман» (Ишаё 54:11,12). Сўнг У қўшиб қўйди: «Менинг энг нодир, энг қимматбаҳо тошларим, Менинг энг тоза олтиним — бу Миср ўчоғида эритилиб қуйилганларидир». Кейин бир қўшиқдан бир бандини куйлади: Сенинг юрагингни оламан, Уни севганимдан эритаман. Юрагим тафтини унга тутаман, Сен учун Ўзимни қурбон қилмоқ Менинг тақдиримда бордир. Улар яна бир неча кун саҳрода бўлдилар. Шу кунларда Вой-Қўрқаман шунақанги нарсаларни билиб олдики, илгари булар тўғрисида ҳатто эшитмаганди. Аммо у бир нарсага жуда ҳайрон бўлди: у ер-бу ерда тиккайиб турган кулранг йилғинларни ҳисобга олмаганда, бу қадар чексиз саҳрода на бирон бута ёки дарахт, на гул, на бирон ўсимлик ўсаркан. Охирги кун эрталаб Вой-Қўрқаман чўлда яшовчиларнинг кулбалари ва ўтовлари ёнида айланиб юрган эди. Тўсатдан бир бурчакда, девор тагида олтинга ўхшаш рангли сариқ кулни кўриб қолди. Гулнинг атрофида бошқа ўт-ўлан йўқ, ёлғиз ўзи ўсаётган эди. Суви бор катта идишдан эски нов чиққан бўлиб, новнинг кичкина тешиги бор эди. Шу тешикдан вақти-вақти билан сув оқиб турар, сув томчилаган жойда эса ана ўша гул ўсаётган эди. Бу гулнинг уруғи саҳрога қаердан келиб қолганини Вой-Қўрқаман билолмади. Атрофда эса на бирон қуш, на бирон ўт-ўлан бор эди. Вой-Қўрқаман шу миттигина, ёлғиз ўсаётган гулнинг ёнида тўхтаб қолди. Гул умид билан, дадиллик билан сувга интиларди. Вой-Қўрқаман секингина гулдан сўради: «Эй гул, исминг нима? Мен сенга ўхшаш гулни ҳеч қачон кўрмаганман». Митти гул худди ўз рангига ўхшаш олтин жарангига ўхшаш овоз билан жавоб берди: «Менга қара! Менинг исмим қувонч билан қабул қилувчидир!» Вой-Қўрқаман эҳром ичида кўрганлари тўғрисида ўйлаб қолди: буғдой янчаётганлар, кулоллар чархи, оловли темир ўчоқ… Бу кимсасиз саҳрода ўсаётган миттигина олтинранг гулнинг жавоби Вой-Қўрқаманга қаттиқ таъсир қилди, гулнинг жавоби унинг қалбида оҳиста, ширин акс садо берди. Вой-Қўрқаман ўзича ўйлади: «Чўпон ҳам мени, ўзим истамаганим холда, бу ерга олиб келди. Мен ҳам Унга қараб: «Менга қаранг! Мен сизнинг кичик бир хизматкорингизман, Қувонч билан қабул қилувчиман«деб ўйлади қиз ўзи ҳақида». Сўнг у энгашиб, гулнинг ёнидаги кичкина тошни олди ва халтасига — биринчи қурбонлик келтирган жойдан олган тошча ёнига солиб қўйди. 7-боб. Танҳолик қирғоқларида Саҳронинг жазирама қумларидан ўтаётиб Чўпон ва Вой-Қўрқаман кутилмаганда, бир сўқмоққа дуч келиб қолдилар. Бу сўқмоқ улар бораётган асосий сўқмоқни кесиб ўтарди. «Буниси сен юришинг керак бўлган сўқмоқ», деди секингина Чўпон. Улар Чўққиларни ортда қолдириб, дарё томонга бурилдилар. Кўп ўтмай саҳронинг охирига етиб келганларида, денгиз бўйидан чиқиб қолдилар. «Энди вақти келди, Сени ташлаб кетишим керак, — деди Чўпон. — Мен энди тоққа қайтишим лозим. Ҳозир Мендан ва Чўққилардан сен узоқроқ турганингга ўхшаб туюлади. Аммо шуни ёдингда тутгинки, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай масофа йўқ. Чўққилардан водийга бир зумда сакраб етиб келганимдай, саҳрони ҳам бир неча дақиқада босиб ўта оламан. Агар сенга керак бўлиб қолсам, ўша заҳоти олдингда ҳозир бўламан. Сўзларимга ишон, сўзларимни доим мамнуният билан ишга сол. Шунда қўйларим Менинг овозимни эшитиб, ортимдан юрадилар. Вой-Қўрқаман, агар сен Менинг сўзларимга ишонсанг, Мен танлаган йўлдан юрсанг, Менинг овозимни доимо эшитасан, овозимни дарҳол таниб оласан. Аммо Менинг овозимни эшитганингда, бунга итоат этишинг шарт. Яна шуни ёдингда тутгинки, йўлларингда ўтиб бўлмас ғовлар ҳаддан ташқари кўп бўлса ҳам, улар бехавотирдирлар». Чўпон шу гапларни айтгандан кейин Вой-Қўрқаманни дуо қилди ва саҳро бўйлаб катта -катта қадам ташлаб Чўққилар томон йўл олди. Энди бу Чўққилар Вой-Қўрқаман кетаётган йўлнинг тескари томонида қолган эди. Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан Улуғ денгиз қирғоқлари бўйлаб узоқ кунлар юрди. Энди у ёлғизлик нима эканини билмас эди. Дўстлар билан бирга яшаган ям-яшил водий энди ортда қолди. Ҳатто тоғлар ҳам кўздан йўқолиб кетди, бу ерда сон-саноқсиз қум барханларидан бошқа ҳеч нарса қолмагандай. Нариги томонда эса фақатгина ёлғизликдан инграб денгиз ястаниб ётибди. Саҳрода на бир тиккайган дарахт, на бир бута ўсади, ҳатто бирон яшил ўсимлик ҳам кўринмайди. Денгиз қирғоғида эса одамнинг кўнглини вайрон қиладиган синиқ дарахт шохларию иссиқда қовжираб кетган сув ўтлари тўп-тўп бўлиб ётибди. Теваракда бош узра чарх уриб айланаётган чағалоқлар, қўрққанидан инларига кириб кетаётган қисқичбақалардан бошқа бирон тирик жонзот кўринмайди. Ундан ташқари, вақти-вақти билан денгиз томондан этни жунжиктирадиган, худди баданни тилиб юборгудай совуқ шамол эсади. Шу кунлар давомида Вой-Қўрқаман ҳамроҳларининг қўлини қўйиб юбормай, уларнинг ёрдами билан ҳайрон қоларли даражада жуда тез юрди. Энг ажабланарлиси шу эдики, Вой-Қўрқаманнинг қадам ташлаши кескин ўзгарди. У ҳеч қачон бундай тез, оқсамасдан, қаддини тик тутиб юрмаган эди. Саҳро унинг қалбини тамомила ўзгартириб юборди. Унинг ташқи кўринишида ўзгариш бўлмаса-да, ички оламида янгича тафаккур даври бошланди. Вой-Қўрқаман Мисрда бўлди, тегирмон тошини, кулоллар чархини, темир ўчоқни кўрди. Вой-Қўрқаман: «Бу кўрганларим бошимга тушадиган синовлардан аломатдир», деб биларди. Айни пайтда бунга қўшилмасдан иложи ҳам йўқ эди. Юрагининг туб-тубида шу синовларни билганлиги учун ва бу синовларни қабул қилгани учун олдинги ҳаёти билан ҳозирги ҳаёти ўртасида жарлик пайдо бўлганга ўхшарди. Аниқроқ қилиб айтганда, бу жарлик олдинги Вой-Қўрқаман билан ҳозирги Вой-Қўрқаман ўртасида эди. Жарлик тубсиз, ҳеч ўтиб бўлмайдигандай туюлган эди ўшанда. Вой-Қўрқаман олдинги ҳаётига назар ташлар экан, ям-яшил водийни кичкина подасини боқиб юрган чўпонларни ва уларнинг орасида ўзини кўрарди. У ўша пайтлардаги ҳаётини эсласа, қандай қилиб қариндошларига қул бўлгани ва эрталаб, кечқурун ҳовуз бўйига Чўпон билан учрашиш учун боргани кўз олдида жонланар, ўша пайтдаги Вой-Қўрқаман худди бегона, тамомила нотаниш, ҳозирги Вой-Қўрқаманга асло ўхшамайдиган бўлиб туюларди. «Мен энди бутунлай бошқа Вой-Қўрқаманман», деб айтарди ўзига ўзи. Чўпоннинг барча айтганлари рўёбга чиқди. Вой-Қўрқаман қандай қилиб бу юз берганини ҳали тушуниб етмас эди. Аммо Миср ўчоғига тушиб чиққанлар, у ерда Қабул қилиш гулини топганлар бутунлай ўзгарар эканлар, пешоналарида шоҳлик тамғаси билан чиқар эканлар. Тўғрисини айтганда, Вой-Қўрқаман ўз шоҳлигини тасаввур қила олмас эди. Гарчи шундай бўлса ҳам, Вой-Қўрқаман ўша тамғалар билан тамғаланган, ҳеч қачон олдинги Вой-Қўрқаман бўла олмасди. Вой-Қўрқаман ҳар куни Қайғу ва Азоб билан Танҳолик денгизи қирғоқлари бўйлаб борар экан, у қўрқувни енгишга, ҳеч нарсадан нолимасликка ҳаракат қиларди. Аста-секин унинг қалбида ажойиб туйғулар пайдо бўла бошлади. Қалбида қандайдир янги қувонч булоқ бўлиб қайнаб чиқар, табиатнинг шу пайтгача сезмаган гўзаллигини ҳис қиларди. Осмонда чарх уриб учаётган чағалайларни кўрганда, юраги қувончдан ҳаприқиб кетарди. Чағалайлар қуёш нурларида ялтираб кўзни қамаштирарди, уларнинг оппоқ ранги олис Чўққилар устидаги қорларнинг товланишига ўхшарди. Ҳатто чағалайларнинг ёввойиларча, юракни эзадиган қичқириқлари, сувнинг мунгли инграшлари ҳам гўзаллик бахш этарди. Кимдир қандай қилиб, қаерда, қачон жамики қайғу — ғамларнинг жавобини топа оладигандай туюларди Вой-Қўрқаманга. Бу жавоб шунчалик адолатли, ажойиб бўладики, ҳали ҳеч ким тушуниб етмаган. Вой-Қўрқаман кичкина қисқичбақаларнинг шўхликларини кузатаётиб, тез-тез овоз чиқариб кулаётганини ўзи сезиб қолди. Қуёш вақти-вақти билан чарақлаб нур сочган пайтда, ҳатто, кулранг маюс денгиз ҳам ўзгариб, гўзал бўлиб кетар-ди. Қуёш шуъласи денгизнинг зангори тўлқинларида, сачраётган томчиларда ялтирарди, уфқ эса ярим тундаги осмон каби мовий тусга кирарди. Қуёш асов денгиз сувларига шуъласини сочган пайтда шод-хуррамлик Вой-Қўрқаманнинг барча қайғу-ғамларига барҳам бергандай бўларди. Шунда Вой-Қўрқаман ўзига ўзи шивирларди: «У мени синаб кўрганда, мен олтин каби мусаффо бўлиб чиқаман. Кечқурун йиғи ҳукмрон бўлади, эрталаб — қувонч». Бир куни улар қирғоқдаги баланд қоялар ёнига келиб қолдилар. Ҳар ер-ҳар ерда харсанг тошлар ётарди. Улар шу ерда тўхтаб дам олмоқчи бўлдилар. Ҳаммалари жойлашиб бўлгандан кейин, Вой-Қўрқаман бир ўзи сайр қилгани кетди. У сайр қилиб юриб, уч томондан тик қоялар билан ўралган кўрфазга келиб қолди. Қояга чиқиб пастга қараган эди, синган дарахтлар ва чирмашиб ётган сув ўтларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Вой-Қўрқаман бу жойнинг бўм-бўшлигидан ҳайрон бўлди. Кўрфаз бўм-бўш юракка ўхшаб, соғинч билан узоқдан келадиган сувнинг кўпайишини кутаётганга ўхшарди. Сув шунчалик узоқлашиб кетган эдики, энди асло қайтиб келмайдигандай. Вой-Қўрқаманда шу кўрфазга яна қайтиб келиш истаги туғилди. Лекин у бир неча соатдан кейин бу жойга қайтиб келиб ҳамма нарса ўзгарганини кўрди. Кўрфаз сувга тўлган, баҳайбат тўлқинлар шовқин солиб қояларга урилар эди. Вой-Қўрқаман бу ўзгаришни кўриб, тиз чўкиб ўтирди ва шу жойда қурбонгоҳ қурди. Бу унинг учинчи қурбонгоҳи эди. «Раббим! — деб хитоб қилди у. — Мени бу ерга олиб келганинг учун сенга миннатдорчилигимни билдираман. Кўряпсанми, мен шу кўрфазга ўхшаб бўм-бўшман. Аммо энди Сен мени қачон қалбимни Севги билан тўлдирасан, деб Сенинг вақтингни кутяпман». Кейин у қоя тепасидан чақмоқтош ва биллур бўлакчасидан олиб, халтасидаги бошқа тошларга қўшиб қўйди. Қурбонгоҳ қурилгандан кейин кўп вақт ўтмай, Вой-Қўрқаманни ҳар томондан яна душманлар ўраб олди. Узоқдаги Хўрлик водийсида қариндошлар, Такаббур асирани олиб келади, деб кутаётган эдилар. Аммо анча вақт ўтса ҳам, на Такаббурдан дарак бор, на Вой-Қўрқамандан. Улар, тузган режамиз барбод бўлибди-да, деган қарорга келдилар. Такаббур эса ўта мағрурлигидан мағлубиятини тан олмас эди. Қўрқувлар дарров ўзаро маслаҳатлашиб, биронтасини унга ёрдам беришга юбормоқчи бўлдилар. Вой-Қўрқаман Чўққиларга етиб бормасдан шундай қилиш керак эди. Агар у Чўққиларга етиб борса, қариндошларининг унга қўли етмаслиги турган гап эди. Такаббурдан хабар олиш учун айғоқчилар юборилди. Улар Такаббурни топдилар. У Вой-Қўрқаманнинг Чўққиларда эмаслигини, балки Танҳолик денгизи қирғоқларида эканлигидан Қўрқувларни хабардор қилди: «Умуман, Вой-Қўрқаман Чўққиларга эмас, тескари томонга кетаётган экан». Бу Қўрқувлар учун кутилмаган ёқимли янгилик бўлди, улар ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Шундай қилиб, Такаббурга қандай ёрдам бериш лозимлиги аниқ бўлди. Ҳаммалари Такаббурга ёрдам бериш учун бир овоздан Ранжни, Аччиқни ва Пушаймонни юборишга қарор қилдилар. Улар Вой-Қўрқаманни қариндошлари ёнига қайтариб олиб келишда Такаббурга ёрдам беришлари лозим эди. Шу тариқа тўртовлари Танҳолик денгизи қирғоқларига қараб йўл олишди. Денгиз қирғоғига етиб келиб, қизни кўрдилару ҳужум қилиб қолдилар. Аммо Вой-Қўрқаман энди олдинги қўрқоқ қиз эмаслигини улар тез орада англаб етишди. Вой-Қўрқаман Қайғу ва Азобнинг қўлларидан маҳкам ушлаб олган эди, шунинг учун улар Вой-Қўрқаманга яқинлаша олмадилар. Энди олдингидай эмас, Вой-Қўрқаман ҳамроҳларининг ёрдамини жон-жон деб қабул қилар эди. Шундай бўлса ҳам, душманлари унинг олдида пайдо бўлишар, қабиҳ гапларни гапириб, унинг дилини сиёҳ қилишга ҳаракат қилиб, устидан кулишар эди. Вой-Қўрқаман қайси томонга қарамасин, душманлари рўпарасидан чиқиб келаётгандай туюлаверди. Душманлар тошлар орасига писиб олиб, Вой-Қўрқаманга ўқлар отавердилар. «Мен сенга айтган эдим-ку! — ғазаб билан қичқирди Такаббур. — Аҳмоқ, қаердасан энди? Чўққилардами? Ҳечамда! Билиб қўй, бутун Хўрлик водийси бу аҳволингдан хабар топиб, энди ҳамма устингдан куляпти! Кўнглинг хоҳлаганини ахтаряпсанми? Ахир, у сени ташлаб кетди-ку! Мана бир ўзинг Танҳолик денгизи бўйида юрибсан. Сен аҳмоқ, менинг гапимга нега қулоқ солмадинг?» Кейин бошқа тошнинг орқасидан Ранж бошини чиқарди. Унинг башараси жуда хунук эди. Аммо у бадбашара бўлса ҳам, қандайдир жозиба бор эди. У Вой-Қўрқаманга қараб бақирганда, бечора қиз ундан қийинчилик билан кўзини уза оларди. Ранж шундай деб қичқирди: «Биласанми, Вой-Қўрқаман, сен ўзингни худди кўр овсардай тутяпсан. Ўша Чўпон ким бўлибдики, сен Унинг ортидан эргашяпсан? У қандай одам Ўзи?! Сенда борини олади, нима берсанг, борини олади, аммо эвазига ҳеч нарса бермайди. У сенга фақат азоб ва ғам-қайғуни, уят ва мазахни беряпти. Нега У сенга шундай муносабатда бўлишига йўл қўйяпсан? Наҳотки сен ўзингни ўзинг ҳимоя қила олмайсан? Нега Ундан, ваъдангни бажар, мени тезлик билан Чўққиларга олиб чиқиб қўй, деб талаб қилмайсан? Агар у рад қилса, унга, мен берган ваъдаларимдан қайтаман, Сен билан бирга Чўққиларга бормайман, деб айт». Кейин Аччиқнинг масхараомуз овози эшитилди: «Сен Унга кўп берганинг сари, У сендан шунча кўп талаб қилди. У сенга шафқатсизлик қиляпти, сенинг содиқлигингни суистеъмол қиляпти. Шу пайтгача У сендан талаб қилган нарсалар энди талаб қиладиганлари олдида ҳолва бўлади. Агар сен гапимга қулоқ солмай, унинг кетидан борсанг, бундан ҳам баттар бўласан. У Ўзига эргашганларни, ҳатто болалар билан аёлларни ҳам кушхоналарга жўнатади. Улар азобланиш хоналарида қийналиб ўлсинлар, деб йўл очиб беради. Сен шуларга бардош бера оласанми, йиғлоқи қизалоқ? Ҳалиям кеч эмас, бу йўлдан қайт! Ҳадемай У сендан энг олий қурбонликни талаб қилмасидан, вақтида этагингни йиғиштириб ол. Эртами, кечми, У сени хочга олиб боради ва ўша ерда қолдириб кетади». Ундан кейин гапга Афсус аралашди, у ҳаммадан қўрқинч-лиси эди. У шунчалик мулойим, ҳазин овозда гапирдики, Вой-Қўрқаман тамомила бўшашиб, руҳи тушиб кетди. «Бечора миттигина Вой-Қўрқаман, — шивирлаб гап бошлади у, — минг афсус, афсус! Чиндан ҳам сен жуда садоқатлисан, Унинг ҳеч бир гапини рад қилмайсан, мутлақо рад қила олмайсан! У эса сенга шафқатсизларча муносабатда бўляпти. Шундан кейин ҳам У сени севадими, сенга мурувват кўрсатадими — шуларга ишонасанми? Кўрдингми, У сени қандай аҳволга солиб қўйган?!Сенинг ҳам ўзингга раҳминг келсин, бунга ҳақлисан-ку! Ҳатто уни деб азоб-уқубатларга гирифтор бўлсанг ҳам, ўзинг тўғрингда ҳам озгина ўйлашинг лозим. Уни деб шундай машаққатларга дучор бўлаётганингни бошқалар ҳам билиши лозим, токи ҳозиргига ўхшаб улар устингдан кулмасинлар, аксинча, сенга раҳм-шафқат қилшсин. Ўйлашимча, ўзинг эргашиб бораётган одам сенга азоб беришдан лаззатланади, У бошқалар сени тушунмасликларини хоҳлайди. Чунки ҳар гал сен Унга ён босганингда, У сени ярадор қилиш ва савалашнинг янги усулини топади». Афсуснинг охирги айтган гапи хато эди. «Савалаш» сўзи Вой-Қўрқаманга эҳромда Чўпон билан бирга турганларида, У айтган сўзларни эслатди: «Буғдой донларини қанчалик савашса ҳам, ҳеч ким уларни умрбод янчмайди. Янчилган ва майдаланган дон истеъмолчи учун тайёр бўлгунча, бу иш давом этаверади. Ниҳоят, Сарвари Олам пайдо бўлади. Унинг тақдири ажойибдир, донишмандлиги бениҳоя кенгдир». Чўпоннинг шу гаплари Вой-Қўрқаманнинг эсига тушиб, катта, залворли тошни олиб Афсус томонга отди. Афсус бу вазиятдан ваҳимага тушди. Кейин у дўстларига бу тўғрида сўзлаб бериб: «Агар ўшанда қочиб қолмаганимда, бу заҳар аёл мени ўлдириб қўярди», дея якун ясади. Аммо доимо шундай ҳужумларга дош бериш жуда қийин, одамни ҳолдан тойдириб қўяди. Қайғу билан Азоб қизнинг қўлларидан ушлаб олганлари учун, у қулоқларини беркитиб олмаган эди, шу боис табиийки, душманларининг қабиҳ сўзларини эшитишга мажбур эди. Ниҳоят, ҳал қилувчи, шиддатли дақиқалар етиб келди. Бир куни қизнинг ҳамроҳлари чарчаб қолиб, пинакка кетдилар. Вой-Қўрқаман бепарволик қилиб бир ўзи сайр қилгани кетди. Бу сафар у ўзи яхши кўрадиган кўрфазга эмас, тескари томонга кетди. У борган жой қоялар денгиз ичига кириб ярим орол ҳосил қилган, тик жарлик эди. Вой-Қўрқаман бурун охирига бориб, бепоён денгиз кенгликларини томоша қилиб турган эди, бирдан ўзига томон келаётган душманларини кўриб қолди. Улар қизни ўраб олмоқчи бўлдилар. Шундай хавфли дақиқаларда Вой- Қўрқаман ниҳоятда ўзгариб қолгани кўринди. У душманларини кўриб, қўрқувдан ўзини йўқотиш ўрнига, қўлларига тош олиб, катта қояга суяниб олди. У охиригача курашишга тайёрланди. Қизнинг бахтига бу жой шунчалик тор эдики, тўртала душмани бирданига ҳужум қила олмас эдилар. Шу пайт Такаббур қаттиқ тўқмоғини кўтариб, олдинга чиқди. «Вой-Қўрқаман, қўлларингдаги тошчаларни ташлаб юборавер! — деди қаҳр билан у. — Биз тўрттамиз, сени ҳоҳлаган кўйга сола оламиз. Энди қўлимизга тушдинг! Энди бизнинг гапимизга қулоқ солиб қўя қолмайсан, балки биз билан бирга кетишга мажбур бўласан!» Вой-Қўрқаман бошини кўтариб, осмонга қараб гапираётгандай, бор овози билан ҳайқирди: «Раббим! Кел, менга нажот бер, ҳаяллама!» Шу заҳоти тўртала пасткаш ваҳимага тушиб қолди. Чунки орадан бир неча дақиқа ўтмасдан, Чўпон пайдо бўлган эди. У худди сузишга тайёрланиб, шохларини олдинга чиқарган тоғ буғиси каби улар томонга шиддат билан келаётган эди. Ранж, Аччиқ ва Афсус ерга юз тубан йиқилиб, Ундан қутулиш чораларини излай бошладилар. Такаббур эса бу пайтда Вой-Қўрқаманни ушлаб турган эди. Чўпон Такаббурни ушладию ердан озод кўтарди. Такаббур дод солиб, чинқирди. Чўпон уни жарлик қоядан денгизга улоқтириб юборди. «О Чўпон, раҳмат! — нафаси тиқилган, энди енгил нафас олаётган Вой-Қўрқаман ишонч билан. — Қандай ўйлайсиз, ниҳоят, Такаббур ўлдимикан?» «Йўқ, бунга ишониб бўлмайди», деди Чўпон. Шундай деб У пастга қаради ва қирғоқ томонга балиқ каби сузаётган Такаббурни кўрсатиб деди: «Ана у. Аммо у бугун шундай ёмон йиқилдики, ҳеч қачон эсидан чиқармайди. Менимча, у анчагача оқсоқланиб юради энди. Қолган учала пасткаш бирон кавакка кириб кетган бўлса керак. Улар энди сени анчагача беҳузур қилишмайди. Чунки улар шунга ишонч ҳосил қилдиларки, Мен шу атрофда эканман, сен чақирганингдаёқ ёрдамга етиб келишимга ишонч ҳосил қилдилар». «Айтинг-чи, Чўпон, сўради Вой-Қўрқаман, — нега мен яна Такаббурнинг қўлига тушай деб қолдим? Нима учун Ранж, Аччиқ ва Афсус шу пайтгача асабимга тегиб келишди? Улар менга яқин келишга ботинолмаганлари учун мен Сизни ёрдамга чақирмадим, балки улар қабиҳ гаплар гапириб, ортимдан қолмадилар. Нега мен улардан қутула олмадим? Нимага бундай бўлди?» «Менимча, кейинги пайтда сенинг йўлинг осон бўлди, — деди мулойимлик билан Чўпон. — Қуёш нур сочиб турди, сен дам оладиган жойга етиб келдинг. Бир муддат Менинг кичкина хизматкорим Қувонч билан Қабул қилувчи эканлигингни эсдан чиқариб қўйдинг. Сен, орқага — Чўкқиларга мени олиб борадиган вақт етиб келди, деб таъкидлай бошладинг. Агар қалбингда Қабул қилувчи ўрнига бегона Бесабрлик гули ўсса, доимо душманларинг сендан устун келаверадилар». Вой-Қўрқаман қизариб кетди. Чўпон тўғри гапираётганини у билиб турарди. Денгиз кулранг тусга кириб, маюс бўлганда, йўлнинг машаққатларига бардош бериш, чидамлироқ бўлиш осонроқ эди. Қуёш нур сочиб турганда эса, бу анча қийин кўчарди. Вой-Қўрқаман Чўпоннинг қўлларидан ушлаб, алам билан деди: «Сиз ҳар доимгидай ҳақсиз. Мен чиндан ҳам, Чўпон мени бу сўқмоқдан жуда узоқ юришга мажбур қиляпти, берган ваъдасини унутиб қўйди, деб ўйлай бошладим». Кейин у Чўпоннинг юзига жиддий қараб қўшиб қўйди: «Аммо ҳозир чин дилдан айтаманки, Сиз менинг Чўпонимсиз. Мен Сизнинг овозингизни эшитишни, овозингизга итоат қилишни яхши кўраман. Сизга эргашганимда, юрагимда олам-олам қувонч пайдо бўлади. Ўзингиз танланг, Раббим, мен эса итоат қиламан». Чўпон эгилиб, Вой-Қўрқаманнинг оёқлари тагидан бир тошча олди-да, жилмайиб деди: «Бу тошни халтангдаги бошқа тошлар ёнига солиб қўй. Бу тош бугунги кундан эсдалик бўлиб қолсин. Бугун душманинг Такаббур биринчи марта мағлуб бўлганини кўрдинг, бугун чидам билан қалбинг хоҳишини рўёбга чиқаришимни кутишга ваъда бердинг». 8-боб. Эски тўғонда Такаббур устидан қозонилган ғалабадан кейин бир неча кун ўтди. Вой-Қўрқаман билан унинг ҳамроҳлари Буюк денгиз қирғоқлари бўйлаб йўлда давом этавердилар. Бир куни йўлда кетаётганларида сўқмоқ йўл бирдан чапга бурилди. Сўқмоқ энди ичкарига қараб кетарди. Сўқмоқ йўл яна тоғлар томонга, гарчи ҳали тоғ кўринмаса ҳам, бурилганини сездилар. Чиндан ҳам сўқмоқ йўл шарқ томонга бурилганини Вой-Қўрқаман кўрди-ю севинганидан ҳаяжонланиб, титраб кетди. У қўлларини ҳамроҳларининг қўлларидан бўшатиб, чапак чала бошлади. Тоғ билан улар орасидаги масофа қанча узоқ бўлмасин, энди тўппа-тўғрига қараб юрдилар. Учовлари йўлга тушдилар, аммо Вой-Қўрқаман ҳамроҳларини кутишга сабр қилмай, олдинга югуриб кетди. У илгари ҳеч ҳам оқсоқланмаганга ўхшарди. Бирдан сўқмоқ тўғри бурчак ҳосил қилиб, тоғлар томонга эмас, аксинча, яна жануб томонга бурилди. Сўқмоқ қайрилган тарафда — олис-олисларда сўқмоқ тугаб, қандайдир тепаликлар бошланди. Вой-Қўрқаман қўрққанидан даҳшатга тушиб, қотиб қолди, тилдан қолди, танасига титроқ кирди. Бундай бўлиши мумкин эмас, асло бўлиши мумкин эмас! Наҳот Чўпон унга «йўқ» деб, орқага қайтарса?! «Узоқ вақт рўёбга чиқмайдиган орзудан юрак соғинчга тўлади», деган экан бир донишманд. Ҳа, у ҳақиқатан ҳам ҳақ экан! Вой-Қўрқаман завқ-шавққа тўлиб, сўқмоқдан тоғлар томон шундай югурдики, Қайғу билан Азоб орқада қолиб кетдилар. Улар етиб келганларида, Вой-Қўрқаман бир ўзи ёлғиз қайрилишда турарди. Яқин орадаги тепалик ортидан душманлардан Аччиқнинг шарпаси кўринди. У анча эҳтиёткор бўлиб қолган, шунинг учун Вой-Қўрқаманга яқин келишга журъат қила олмасди. «Вой-Қўрқаман яна Чўпонни ёрдамга чақиради», деб ўйлаб яқин келишни истамади. Аччиқ ҳеч нарса қилмай, Вой-Қўрқаманга қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулаверди. Бундай заҳарханда кулгини Вой-Қўрқаман умрида эшитмаган эди. Аччиқ заҳарли илондай заҳрини сочиб гапира бошлади: «Сен нега кулмаяпсан, миттигина тентагим? Шундай аҳволга тушишингни билардинг-ку!» У шундай заҳарханда сўзларни айтганда, бутун саҳро унинг овози акс-садоси билан тўлиб кетгандай бўлди. Қайғу билан унинг синглиси Вой-Қўрқаманнинг ёнига келиб, индамай турдилар. Атроф дарддан бир қанча вақт қотиб қолгандай бўлди. «Бениҳоя зулмат ваҳимасидан» Тўсатдан шамол кўтарилиб, саҳро бўйлаб ҳуштак чалиб ўтиб, йўловчиларнинг устига чанг-тўзон ёғдирди. Бўрон тиниб, ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди, шу сукунатда Вой-Қўрқаман ўзининг титраган паст, аммо аниқ овозини эшитди: «Худойим! Менга нима деб айтишни истайсан? Айтавер, бу қулингнинг қулоғи сенда». Бир дақиқа ўтар-ўтмас, Чўпон унинг олдида ҳозир бўлди: «Руҳингни туширма! — деди У. — Қўрқма, бу Менман. Мен учун яна битта қурбонгоҳ қур, кейин қурбонгоҳ устига иродангни тамомила қурбонлик қилиш учун куйдиргани қўй». Вой-Қўрқаман итоаткорлик билан қум билан тошдан кичкина уюм ясади, саҳрода шундан бошқа нарсани топиб бўлмасди. Вой-Қўрқаман иродасини қурбонгоҳ устига қўйди. Сўнг кўзларида ёш билан деди (унинг ёнига Қайғу ҳам келиб тиз чўкиб ўтирди): «Худойим! Сенинг хоҳиш-иродангга итоат этиш менга қувонч бахш этади». Қаердандир, қайси бир кўзга кўринмас тешикдан олов тилини чиқариб, қурбонликни куйдирди. Қурбонгоҳ устида бир ҳовуч кулдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Шу пайтда Чўпоннинг овози эшитилди: «Бу кечикиш ўлимга олиб келмайди, балки Худони шарафлашга, Худо Ўғли шарафланишига олиб келади». Бирдан шамол кўтарилиб, кулни учириб кетди, қурбонгоҳда сўппайиб тош қолди, холос. Вой-Қўрқаман тошни олиб, халтасидаги бошқа тошлар ёнига солиб кўйди. Кейин у ўрнидан турди, ҳаммалари жанубга қараб йўл олдилар. Чўпон уларни Ранж билан Афсусдан ҳимоя қилиш учун бир оз бирга йўл босди. Дарвоқе, Ранж билан Афсус тепаликлар ортига яширинишлари мумкин эди. Кўп ўтмай, саёҳатчилар қитъанинг ичкарисига бурилганларида, ортда қолган денгиз саҳронинг ичкарисига кирган жойга етиб келдилар. Бу пайтда сув кўпайиб, бўш чуқурликлар сув билан тўла эди. Шу денгиз қўлтиғи устидан эса тош кўтарма қурилган эди. Тупроқдан кўтарилган узун тепалик ўша кўтармага олиб борарди. Чўпон Вой-Қўрқаманни ана шу тупроқ деворнинг ёнига олиб келиб: «Ана шу йўл орқали денгиздан ўт!» деб амр берди. Сўнг Чўпон қурбонгоҳ олдида айтган сўзларини яна бир марта такрорлаб, бу сўзларига урғу берди. Чўпон учовидан ажралиб, Ўз йўлига кетди. Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан тупроқ кўтармадан кўтарилиб, Эски денгиз тўғони устига етиб келдилар. Улар турган тепаликдан қаралганда, босиб ўтган йўллари — саҳро яққол кўриниб турарди. Тоғлар шунчалик узоқда қолиб кетган эдики, улар чиндан ҳам тоғларми ёки саробми — била олмадилар. Кейин улар олдинга назар ташладилар ва кўтарманинг нариги томони саҳродан тамомила фарқ қилишини кўрдилар. У ерда тоғлар орасида ўрмонлар, далалар, боғ-роғлар бор экан. Қуёш чарақлаб турарди. Тўғон устида тўлқинларни ҳайдаб тезроқ югуришга мажбур қилаётган шамолнинг кучини яққол сездилар. Вой-Қўрқаман бу вазиятдан овчилар қуваётган тозилар галасини хаёлига келтирди. Тўлқинлар бир-бирларини қувлаб югурар, сакрар, баландга кўтарилиб, тўғон остида ҳайқирар, кейин шовқин солиб, қирғоққа уриларди. Сув ва шамолнинг жазавага тушиб қутирганидан Вой-Қўрқаман ажойиб ҳаёт шаробидан маст бўлиб қолганга ўхшарди. Шамол ёноқларини сийпалар, сочлари, кийимларини тўзғитар, ўзини ерга йиқитмоқчи бўлар эди. Аммо у бир жойда маҳкам турар, бор кучи билан бақирарди. Шамол эса ундан қаттиқроқ увлаб, унинг овозини узоқ-узоқларга олиб кетарди. Эски тўғон устида турган Вой-Қўрқаман қуйидаги сўзларни бақириб айтди: «Бошим мени ўраб турган душманларимдан баландга кўтарилди, Унга сўзларимни қурбон қилдим, Худо олдида ҳамду сано айтиб, қўшиқ куйладим» (Забур 26:6). Шу сўзларни айтиб, ўйлади: «Чўпонга душманлик жуда ҳам даҳшатли бўлса керак. Ахир, Унинг душманлари ҳар доим мағлуб бўладилар-ку! Доимо душманларнинг бурни тагидан ўлжаларини илиб кетадилар. Жуда заиф, эси пастлар ҳам Чўққиларга чиққанларидан кейин, қўл етмас бўлганларини кўриб, улар жинни бўлиб қолишса керак. Бу вазият улар учун жуда оғир бўлса керак». Вой-Қўрқаман кўтарманинг устидан яна бир тошчани олиб, Чўпон ўргатганидай, халтачасига солиб қўйди. Бу тошча унинг ғалабага эришганидан далолат бўлди. Чунки у душманларини енгишига Чўпон йўл очиб берди-да. Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан кўтарма орқали йўлда давом этди. Кўтарманинг нариги томонида тупроқдан кўтарилган тепалик орқали пастга тушиб, ўрмондан чиқиб қолдилар. Саҳро бўйлаб узоқ саёҳатдан кейин, ўрмон табиати жуда гўзал кўриниб кетди. Бутун борлиқ қишки уйқудан уйғотиб, узоқ кутилган баҳор сепини ёя бошламоқда. Дарахтлар бар чиқариб, куртак гулга айланяпти. Аҳён-аҳёнда қўнғироқгуллар, ёввойи айиқтовон, бошқа турфа гуллар ҳам чаман бўлиб очилиб ётибди. Қушлар жўровоз бўлиб куйлашмоқда, ўзларига ин қуряптилар. Вой-Қўрқаман қиш уйқусидан уйғониш нима эканини ҳали англаб етмас экан. Эҳтимол, бу гўзалликни англаш учун қақраб ётган кимсасиз саҳро керак бўлгандир. У ўрмон бўйлаб кетар экан, бир муддатга ёнида Қайғу опаси билан кетаётганини ёдидан чиқариб қўйди. Вой-Қўрқаман қайси томонга қарамасин, унга дарахтдаги барглар, ин қураётган қушлар, сакраб юрган олмахонлар, очилиб турган гуллар — ҳаммаси ўз тилида бир нарсани сўзлаётганга ўхшаб туюларди. Улар қувонч билан шуни қайта-қайта такрорлардилар: «Кўрдингизми, қиш ниҳоят ўтиб кетди! Кечикиш ўлимга олиб келмади, балки Худони шарафлашга олиб келди. Ҳеч қачон бундай ажойиб баҳор бўлмаган!» Айни пайтда Вой-Қўрқаман вужудида қон гупираётганини ҳис қилди. Худди юрагида нимадир ўсиб, ҳаётга талпинаётгандай эди. Бу туйғу шунчалик лаззатли, айни пайтда ширин туйғу оғриқ аралаш эди. Вой-Қўрқаман вужудида ширин туйғу кучлими, ёки оғриқ кучлими — билолмай ҳайрон эди. У Чўпон юрагига эккан Севги уруғи ҳақида ўйлади. Вой-Қўрқаман гоҳ қўрқув билан, гоҳ сабрсизлик билан: «Чиндан ҳам уруғ илдиз отиб, ўса бошладимикан», деб ўйлади. Вой-Қўрқаманнинг кўзи поянинг бир қанча япроқларига тушди, поянинг учида эса билинар-билинмас кичкина ғунча бор эди. Вой-Қўрқаман бу ўсимликни кузатар экан, хаёлига бир фикр келди. У Чўпоннинг сўзларини эслади: «Қачон гул ғунчалаб, очилишга тайёр бўлганда, сени севиб қоладилар. Ўшанда сен Чўққиларда янги исм оласан», деган эди Чўпон. Вой-Қўрқаман эса ҳали тоғлардан жуда узоқда, ҳар қачонгидан ҳам узоқда. Яқин орада Чўққиларга етиб олишга асло ишонч, имконият йўқ. Чўпоннинг ваъдаси қандай амалга ошар экан?! У бу тўғрида ўйлар экан, кўзлари жиққа ёшга тўлди. «Вой-Қўрқаман йиғлоқи экан», деб ўйлашингиз мумкин. Аммо шуни ёдингиздан чиқармангки, Қайғу унинг ҳамроҳи, устози эди. Яна шуниси бор эдики, унинг кўз ёшларини ҳеч ким кўрмас эди. Чунки унинг бу ғалати саёҳатга йўл олганини душманларидан бошқа ҳеч ким билмас эди. Юрақ ғам-қайғусини ўзи билади. Шундай дамлар бўладики, Довудга ўхшаб, бизнинг ҳар бир томчи кўз ёшимиз бир идишга йиғилади ва ҳар бир томчи кўз ёшини ғам-қайғу йўлларида кузатиб бораётган Чўпон унутмайди, деб ўйлаймиз. Вой-Қўрқаманнинг йиғиси узоққа чўзилмади. Бирдан у аллақандай нарсанинг олтиндай товланиб турганини кўриб қолди. У диққат билан қаради. Нимани кўрди деб ўйлайсиз? Саҳродаги эҳромлар ёнидан топиб олган кичкина олтинранг гулнинг бир нусхаси эди. Гул қандайдир ажойиб йўл билан юрагига кўчирилган ва энди унинг юрагида ўсаётган эди. Вой-Қўрқаман қувонганидан бақириб юборди. Митти гул эса бошларини силкиб, тилларанг овозида деди: «Мен шу ердаман. Менга қара. Мен қувонч билан қабул қилувчиман! Сенинг юрагингда ўсяпман».Вой-Қўрқаман жилмайиб жавоб берди: «Вой, ҳа-я, эсимдан ҳам чиқарибман». Вой-Қўрқаман шу ердаёқ тиз чўкиб ўтирди ва тошларни бир жойга йиғиб, кичкина тепалик ясади, устига қуруқ шох-шабба ташлади. Сезгандирсиз, қурбонгоҳда дуч келган нарсадан — қўлга нима илинса, ўша нарсадан қилинади. Вой-Қўрқаман бир оз тараддудланиб қолди. Бу сафар нимани қурбонлик қилсам экан, деб ўйланиб қолди. Вой-Қўрқаман Севги ўсимлигининг ғунчасига ўхшаш нарсага қаради. Уни ҳали ғунча деб аташга вақт эрта эди. Шунда у олдинга эгилиб, қурбонгоҳга ўз юрагини қўйди. «Мана мен, сенинг кичкина хизматкорингман. Қувонч билан қабул қилувчиман, менинг юрагимда нима бўлса, бариси сеники». Бу сафар олов тили пайдо бўлдию шох-шаббани ямлаб ютиб юборди, аммо пояда гул ғунчаси қолди. Вой-Қўрқаман, бу гулни қурбонлик қилишга ҳали эрта, деб ўйлади. Шунда ажойиб бир воқеа содир бўлди. Худди аланга учқуни юрагига киргандай бўлди ва нур сочиб ялтираб, илиқлик бахш этди. Қурбонгоҳдаги кул орасида битта тошча турган экан. Вой-Қўрқаман уни ҳам олиб халтачасига солиб қўйди. Шундай қилиб, унинг халтасида олтита ёдгорлик тошчалари бўлди. Саёҳатчилар йўлларида давом этиб, тез орада ўрмон четига келиб қолишди. Вой-Қўрқаман хурсандлигидан бақириб юборди. Ўша ерда уларни ким кутиб турибди дейсизми? Чўпоннинг Ўзи кутиб турган экан. Вой-Қўрқаман худди оёқларида қанот ўсиб чиққандай, Чўпон томонга югуриб кетди. «Сизни шарафлайман, шарафлайман! — деди у қувончдан титраб. — Юрагим боғида ўсган гул ҳам унчалик катта бўлгани йўқ ҳали. Аммо у қандай бўлса, шундайлигича Сизники, Чўпоним! Уни нима қилсангиз, қилинг». «Мен сенинг олдингга бир хабарни айтгани келдим, — деди Чўпон. — Сени бир янгилик кутяпти, Вой-Қўрқаман. «Сени нима қилишимни энди кўрасан», деган хабар келди» (Чиқиш 6:1). Вой-Қўрқаманнинг ёноқлари қизариб, қувончдан титраб кетди. Вой-Қўрқаман юрагидаги ўсимлик ҳақида, ўзига берилган ваъдалар тўғрисида эслади. Бу гул очилишга тайёр бўлганда, Чўққиларга кўтарилади ва Севги Шоҳлигига киришга тайёр бўлади. «Оҳ Чўпон! — деди Вой-Қўрқаман энтикиб. — Сен нимани кўзда тутяпсан. Мен Чўққиларга чиқишга тайёрманми? Бу ҳақиқатми?» Чўпон бошини ирғитиб, уни маъқуллагандай бўлди. Лекин у дарров жавоб бермади. Чўпон қизга диққат билан қараб турар, юз-кўзидан нима демоқчи эканини англаб бўлмас эди. «Сиз чиндан ҳам шундай демоқчимисиз? — унинг қўлларидан ушлаб яна такрорлади у Чўпонга мамнуният билан боқиб. — Тез орада мени Чўққиларга олиб чиқасизми?» Бу сафар Чўпон «Ҳа» деб жавоб берди, сўнг ғалати табассум қилиб, қўшиб қўйди: «Энди Мен нима қилмоқчи эканимни кўрасан». 9-боб. Буюк Жароҳат қояси Бир оз вақт ўтгандан кейин Вой-Қўрқаман ўзлари келиб тўхтаган жойдаги далалар, боғлар, тепаликларда сайр қилар-ди, унинг қалби қувончдан қўшиқ айтарди. Энди ёнига Қайғу билан Азобнинг борлиги ҳам унга барибир эди. Кўнглида эса: «Ҳадемай, улар менинг ёнимда бўлмай қўядилар», деган умид пайдо бўлди. Чунки Вой-Қўрқаман яна тоғлар этагига келганда, Қайғу билан Азоб Чўққиларга чиқиш учун унга ёрдам берадилар, кейин Вой-Қўрқаман уларнинг ёрдамига муҳтож бўлмай қолади. Шунингдек, улар келаётган сўқмоқ тепаликлар оша айланиб, жанубга кетаётгани ҳам уни бошқа ташвишга солмай қўйди. Чунки Чўпон: «Тез орада сўқмоқ сени яна шарқдаги тоғларга олиб келади», деб ваъда берган эди. Шунинг учун энди тез орада юраги интилган жойига етиб боришига ишончи комил эди. Кўп ўтмай сўқмоқ йўл қирлар Чўққиларга кўтарила бошлади. Йўловчилар бир куни кутилмаганда энг баланд қирнинг тепасига келиб қолишди. Улар Чўққига етиб келганларида, қуёш энди кўтарилиб келаётган эди. Улар катта майдонга келиб қолганларини билдилар. Бирдан Вой-Қўрқаман қувонганидан қичқириб юборди: майдоннинг нариги томонида унга узоқ бўлмаган жойда худди баланд деворга ўхшаб тоғлар яққол кўзга ташланиб турарди. Тоғларнинг учли «минорача»лари эрталабки қуёш нурларида қизғиш ва олтинранг каби товланарди. Вой-Қўрқаман бундай гўзалликни умрида кўрмаганини хаёлига келтирди. Қуёш юқори кўтарилиб, осмон ёришганда, тоғнинг энг баланд чўққилари қор билан қопланганини кўрди. Чўққилар қордан кўзни қамаштирадиган даражада ялтирар эди. Вой-Қўрқаман орзу қилган Чўққилар ана шу эди. Вой-Қўрқаманни хурсанд қилган нарса шу эдики, улар келаётган сўқмоқ шу ердан шарққа бурилиб, тўғри тоғларга олиб борарди. Қирнинг тепасида Вой-Қўрқаман таъзим қилиб, тиз чўкди. Ушбу лаҳзаларда йўл бўйи тортган машаққатлари, бошидан ўтказган синовлари унинг рўпарасида ялтираб нур сочаётган шараф олдида арзимас нарсадай туюлди. Ҳамроҳлари ҳам унинг шодлигига шерик бўлиб, жилмаяётгандай бўлиб кўринди. Вой-Қўрқаман таъзим қилиб, севинчдан энтикиб ўрнидан турди. Учовлари майдончадан ўтиб, йўлларида давом этдилар. Сўқмоқ текис бўлгани учун улар қийналмасдан, шиддат билан тез ҳаракат қилардилар. Вой-Қўрқаман тоғларга яқин келиб қолганларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай тез-тез юриб борарди. Вой-Қўрқаман яқинлашган сари тоғ дараларининг тик, қия бўлиб борганига ҳайрат билан боқарди. Саёҳатчиларимиз тоғларга яқин келганлари сари эса, тоғларни забт этиб бўлмайдигандай туюларди. «Мен тоғларга етиб олсам, албатта йўлни давом эттириш учун ўтиш жойи ёки сўқмоқ топилади», — деб Вой-Қўрқаман ўзини ишонтиришга ҳаракат қиларди. «Чўққиларга кўтарилиш қанчалик қийин бўлмасин, барибир мақсадимга етишиш учун олдинга интилавераман», деб аҳд қилди. Кечки пайт улар тоғ этакларига яқинлашиб қолдилар. Йўловчилар келаётган сўқмоқ уларни тик қоянинг ёнидан олиб чиқиб, шу ерда тугади. Вой-Қўрқаман ҳайрон бўлиб, қояга қаради. У кўп қарагани сари, шунчалик ҳайратланар эди. Бирдан унинг танасида титроқ пайдо бўлди. Чунки ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам кўз қири етган жойларда улкан тош девор қад кўтариб турарди. Девор шунчалик баланд эдики, Вой-Қўрқаман қоянинг чўққисини кўраман деб бошини кўтарганда, боши айланиб кетди. Тик қоялар унинг йўлини тўсиб турарди. Шундай бўлса ҳам, сўқмоқ шу қояга олиб келиб, шу ерда тугаганди. Ҳеч қандай сўқмоқ ёки йўл кўринмасди. Бу тик қояга чиқишнинг имконияти ҳам йўқ эди. Қоя ёнига келган йўловчи фақат орқага қайтиб кетган бўлса керак. Ҳайратдан лол бўлиб қолган Вой-Қўрқаман даҳшатли вазиятга тушиб қолганларини англаб етганда, Азоб унинг қўлларидан ушлаб, тош деворни кўрсатди. Улар турган жойдан унча узоқ бўлмаган тош орасидан эркак буғу кўринди, унинг орқасидан эса урғочиси ҳам кўринди. Иккаласи шу қоя тепасига чиқа бошлади. Учала йўловчи ҳам кўзларини узмай буғуларга қараб туришарди. Вой-Қўрқаманнинг боши айланиб, ўзини ёмон ҳис қила бошлади. У олдинда қетаётган буғунинг тор,жуда тик илон изи йўлдан кўтарилишига қараб турарди. Баъзида бу қоянинг туртиб чиққан жойлари, баъзида эса нотекис зинага ўхшаб кетарди. Вой-Қўрқаман бу сўқмоқнинг узилиб қолган жойлари ҳам борлигини кўрди. Бундай жойлардан эркак буғу учиб ўтар, урғочи буғу ҳам унинг ортидан келарди. Эркак буғу нима қилса, урғочи буғу ҳам шуни такрорларди. Унинг ҳаракатлари енгил, ихчам, ва бехавотир эди. Шу тариқа иккала буғу мардонаворлик ва ишонч билан юқорига кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлдилар. Қўллари билан юзларини беркитиб, шу пайтгача нотаниш бўлган қўрқув ва ваҳимадан юраги така-пука бўлган Вой-Қўрқаман секингина тош устига ўтирди. Ҳамроҳлари унинг қўлидан ушлаб, шундай дедилар: «Қўрқма, Вой-Қўрқаман, ахир бу боши берк йўл эмас-ку! Биз орқага қайтмаймиз. Нима бўлганда ҳам, мана шу тик қоядан тепага йўл бор. Буғулар бизга ўша йўлни кўрсатиб берди. Улар ўтган йўлдан биз ҳам ўта оламиз, Чўққиларга чиқамиз». «О, йўқ, йўқ! — алам билан деди Вой-Қўрқаман. — Бу сўқмоқдан инсон зоти ўта олмайди. Фақат буғулар юриши мумкин, холос. Мен у ерга чиқа олмайман! У ердан йиқилиб тушсам, қояларга урилиб, парча-парча бўлиб кетаман-ку!» Шундай дея Вой-Қўрқаман ҳўнграб йиғлаб юборди. «Бу мумкин эмас! Асло мумкин эмас! Бу йўлдан Чўққиларга асло чиқа олмайман! Демак, мен ҳеч қачон у ерга етиб бора олмайман!» Ҳамроҳлари унга нимадир демоқчи бўлар, аммо кўзларидан шашқатор ёш оқаётган Вой-Қўрқаман уларнинг гапларига ҳеч қулоқ солмас эди. Мана, Чўпоннинг ўша Вой-Қўрқамани, забт этиб бўлмас қоянинг этагида даҳшатдан, ғам-қайғудан титраб-қақшаб, умидсиз ҳолда ўтирибди. «Бу менинг қўлимдан келмайди, келмайди! Мен ҳеч қачон Чўққиларга чиқа олмайман!» Унинг аянчли аҳволини ҳатто тасаввур қилиши қийин эди. Аммо энг даҳшатлиси ҳали олдинда экан. Йиғидан тинкаси қуриб, ерда ётган Вой-Қўрқаман аввал тошларнинг гулдираганини, кейин ёнгинасида таниш овозни эшитди: «Хо-хо-хо! Ҳа, азиз холаваччам! Мана, охири учрашдик. Шундай ёқимли вазиятда ўзингни қандай ҳис қиляпсан, Вой-Қўрқаман?» Бечора қиз ҳали кўзларини очмасдан турган эди, энди кўзларини очди-ю ёнгинасида турган Қўрқувнинг жирканч башарасига кўзи тушди. «Мен шундай фикрга келдим, — деб гапида давом этди ичқоралик билан Қўрқув. — Биз ҳалиям бирга бўлишимиз мумкин экан. Сен, аҳмоқ қиз, мендан қочиб қутулмоқчи бўлдингми? Йўқ, асло! Сен Қўрқувларнинг биттасисан-ку! Биздан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсан! Бунинг устига сен — ақлсиз қиз, меникисан. Мен сени қайтариб олиб кетгани келдим. Сен энди ҳеч қаёққа қочиб кетмаслигинг учун сени қўриқлаб тураман». «Мен сен билан ҳеч қаёққа кетмайман! — деди нафаси тиқилиб Вой-Қўрқаман. — У ўзини шунчалик йўқотиб қўйган эдики, нималар юз бераётганини ҳали англаб етмаган эди. —Мен сен билан ҳеч қаёққа бормайман!» «Майли, Вой-Қўрқаман, танла, — тиржайди Қўрқув. — Азиз холаваччам, рўпарангдаги қояга бир назар ташла. Унинг устида ўзингни яхши ҳис қиласан, тўғрими? Фақат мен кўрсатаётган жойга қара. Қоянинг ярмида туртиб чиққан кичкинагина жойни кўряпсанми? У ерда турсанг, бошинг айланиб, кўзинг тиниб кетади. Сен ўша ердан қоянинг бошқа томонига сакраб ўтишинг керак. Кўз олдингга келтир, Вой-Қўрқаман, сакрайман деб қоянинг четида осилиб қолишинг мумкин. Осилган қояда сен бир дақиқа ҳам тура олмайсан. Пастда эса худди пичоққа ўхшаб ўткир учли тошлар туртиб чиққан. Бу тошлар сени парча-парча қилиб ташлаймиз, деб кутиб турибди. Сен кучинг тамом бўлиб қолганда, у ерга қулаб тушасан!» Сезяпсанми, Вой-Қўрқаман, бу жуда зўр-а? Шошмасдан бу манзарани кўз олдингга келтир. Бу ҳали йўл узилиб қоладиган жойлардан биттагинасидир, холос. Бундай жойлар жуда кўп. Аҳмоқ қиз, сен қанча юқорига кўтарилсанг, пастга қулашинг шунча қўрқинчли бўлади. Энди танла. Сен ё олдингга — мен кўрсатган йўл билан боришинг, ёки орқага — уйга қайтишинг ва мен билан яшаб, менинг кичкина хизматкорим бўлишинг мумкин». Унинг қўрқинчли кулгуси тоғларда акс-садо бериб атрофга тарқалди. «Вой-Қўрқаман! — ҳамроҳлари шундай деб унинг елкасидан ушлаб силкидилар. — Вой-Қўрқаман! Сенга ким ёрдам беришини ўзинг яхши биласан-ку! Чақир Уни!» Қиз уларни маҳкам қучоқлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. «Мен уни чақиришдан қўрқаман! — деди у. — Жуда қўрқаман! Агар уни чақирсам, у мени шу йўлдан юришга мажбур қилади. Бу йўл жуда даҳшатли, қўрқинчли! Бу менинг қўлимдан келмайди. Бу мумкин эмас! Мен бу йўлдан юришга ўзимни мажбур қила олмайман. Эҳ, нима қилсам экан-а? Нима қилай мен?» Қайғу унинг устига эгилди ва майинлик, аммо қатъият билан деди: «Сен Уни чақиришинг керак, Вой-Қўрқаман. Ҳозироқ чақир!» «Агар мен Уни чақирсам, — титраб-қақшаб деди Вой-Қўрқаман, — У менга яна қурбонгоҳ қуришни буюради, мен эса қура олмайман. Бу сафар ҳеч ҳам қура олмайман!» Қўрқоқ ғолиб келгандай жилмайди ва Вой-Қўрқаманга қараб юрди. Лекин қизнинг ҳамроҳлари у билан қиз орасида девордай туришди. Азоб Қайғуга қаради, у эса тасдиқлаб бош силкиди. Унинг тасдиқлашига жавобан Азоб камарига осилган кичкина, аммо ўткир пичоқча олди ва қалтираб-титраб ётган Вой-Қўрқаманнинг устига эгилиб, санчиди. Вой-Қўрқаман оғриқдан қичқириб юборди. Шундан кейин бу учаласи олдида ўзининг ночорлигидан тушкунликка тушиб, қоя олдига келганда, қилиши керак бўлган ишини қилди. У ўз аҳволидан жуда уялиб кетди, аммо у Худони чақирмасдан бошқа иложи йўқ эди. У қичқирди: «Эй Худо! Менга кун беришмаяпти! Мени ҳимоя қил! Мени яна Қўрқувлар эгаллаб олишди. Мен уятдан бошимни кўтара олмаяпман». «Нима бўлди, Вой-Қўрқаман? — бу Чўпоннинг овози эди. Овоз яқингинадан эшитилаётган эди. — Нима бўлди? Қўрқма, ўзингни тетик тут: бу Менман!» Унинг овозида қувонч, қудрат сезилиб турарди. Вой-Қўрқаман ғайратига ғайрат, кучига куч қўшилиб, ўзида жонланиш сеза бошлади. У ўрнидан туриб ўтирди ва Чўпонга қаради. Вой-Қўрқаман Чўпоннинг жилмаяётганини, унинг устидан кулаётганини кўрди. Чўпоннинг кўзларида гинадан асар ҳам йўқ эди. Тўсатдан Вой-Қўрқаманнинг қалбида қуйидаги сўзлар садо берди: «Худо қўрққанларга илтифотлидир». Бу сўзларни илгари ҳам қанчадан-қанча титраётган қалблар такрорлаганлар. Вой-Қўрқаман Чўпонга тикилиб қаради ва юрагида миннатдорчилик туйғулари барқ ураётганини ҳис қилди. Юрагини сиқиб турган муздай қўл тўсатдан йўқ бўлиб қолди. Унинг қалбини қувонч эгаллаб, қувнаб оқаётган дарё мисол қўшиқ таралди: Севгилим, ягонам, минглаб ўзгалар ичра Уни бошқаларга таққослаб бўлмас, Адолат подшоҳидир У, нафисдир, севгилим Ўн чандон кучлидир бошқалардан. «Вой-Қўрқаман, айт! — яна қайтариб сўради Чўпон. — Айт Менга, нима бўлди? Нимадан бунчалик қўрқиб кетдинг?» «Мен учун танлаган йўлларинг шунчалик қўрқинчлики, — шивирлади қиз. — О Чўпон! Бу йўллар ўтиб бўлмасдир. Бу йўлларга қарасам, бошим айланяпти, эс-ҳушимни йўқотиб қўйяпман. Бу йўллардан буғулар, оҳулар юра оладилар. Аммо улар менга ўхшаб оқсоқ, қўрқоқ эмаслар». «Мен сенга Хўрлик водийсида нималарни ваъда берганимни ёдингда тут», — деди Чўпон жилмайиб. Вой-Қўрқаман ҳайратдан лол бўлиб қолди. Юзлари қизариб кетди, аммо бир оздан кейин ёноқлари олдинги ҳолатига келди. «Сиз айтган эдингизки, — деб гап бошлади у ва тўхтаб қолди, кейин яна давом этди, — сенинг оёқларингни буғуникидай қиламан, сени Чўққиларга олиб чиқаман, деган эдингиз». «Ҳа! — қувонч билан жавоб берди Чўпон. — Оёқларингни буғу оёқларидай қилиш учун ягона йўл — буғу сўқмоқларидан юришдир». Вой-Қўрқаман титраб кетди ва уялиб Чўпонга қаради: «Оёқларим буғуларникига ўхшашини хоҳламайман. Агар фақат сўқмоқдан ўтишим учунгина керак бўлса, хоҳламайман», — қийналиб жаво берди Вой-Қўрқаман. Чўпон нима қилмоқчи эканини олдиндан билиб бўлмасди. У ҳайрон ҳам қолмади, жаҳли ҳам чиқмади. Бунинг ўрнига кулиб юборди. «Йўқ, сен хоҳлайсан, — қувонч билан деди у. — Мен сени яхши биламан, Вой-Қўрқаман. Чиндан ҳам сен буни жуда хоҳлайсан, Мен сенга буғу оёқларини ваъда қиламан». Ҳақиқатдан ҳам, мен сени атайлаб энг тик қояларга олиб келдим. Бу ерда кийик ва тоғ эчки сўқмоқларидан бошқа сўқмоқлар йўқ. Буларнинг барчаси — берган ваъдамни бажариш учундир. Охирги марта учрашганимизда, мен сенга нима деб айтган эдим?» «Сиз айтган эдингизки, энди Мен нима қилишимни кўрасан, деб». Кейин Унга гинали боқиб, қўшиб қўйди: «Аммо Сизнинг нима қилмоқчи эканингиз тушимга ҳам кирмаган! Мени ўтиб бўлмас — фақат буғулар ва эчкилар юра оладиган қояларга олиб келишингизни билмаганман. Мен буғудан кўра кўпроқ медузага[1] ўхшайман. Бу жуда… жуда…» У сўз топа олмай жим бўлиб қолди, кейин кулиб юборди. «Ҳа, бу жуда бемаънилик ва тутруқсизликдир. Бу ақлга сиғмайди. Яна Сиздан нималарни кутиш мумкин?» Чўпон ҳам кулиб юборди. «Мен шундай беўхшов ишлар қилишни яхши кўраман, — жавоб берди У. — Биласанми, заифлик — кучга, қўрқоқлик — ишончга айланиши — бу мен учун энг катта лаззатдир. Айни пайтда медузанинг тоғ эчкисига айланиши менга энг катта ором бағишлайдиган нарсадир. Бу Менинг ишим, — деди У ва чеҳраси буюк бир севинчдан ёришиб кетди, — нарсаларнинг ўзгариши, масалан, Вой-Қўрқаманнинг…» У тўхтаб қолди, кейин кулги аралаш давом қилди: «Майли, биз буни кейинроқ кўрамиз, у нимага айланар экан». Бу ростдан ҳам ғайриоддий бир саҳна эди. Бир неча дақиқа олдин бу ерда Қўрқув ва умидсизлик ҳукм сурар эди. Энди эса чиқиш мумкин бўлмаган қоянинг этагидаги тошлар устида Вой-Қўрқаман ва Чўпон ўтиришарди, энг қувноқ ҳазил-ҳузилни эшитаётгандай қаҳ-қаҳ отиб кулишарди. «Қани, митти медузачам, — деди Чўпон, — Мен сени тоғ эчкиси қила олишимга ишонасанми? Шу тик қоянинг чўққисига олиб чиқишимга-чи? Бунга ҳам ишонасанми?» «Ҳа», — деди Вой-Қўрқаман. «Шуни амалга оширишимга ижозат берасанми?» «Ҳа, — дея жавоб берди Вой-Қўрқаман, — агар Сиз шу бемаъниликни ва тутруқсизликни амалга оширмоқчи бўлсангиз, марҳамат. Албатта ижозат бераман». «Мен сени тепага олиб чиқаётганимда, шарманда бўлишингга йўл қўяманми?» Вой-Қўрқаман Унга қараб, илгари ҳеч қачон айтмаган гапларни айтди: «Агар шундай бўлса ҳам, мен қаршилик қилмайман. Фақат сиз айтгандай бўлса, кифоя. Сизнинг хоҳиш-иродангиз мен орқали амалга ошсин, Чўпоним. Бошқаси мен учун аҳамиятсиз». У гапираётганда ажойиб бир воқеа юз берди. Қоя тепасида икки қават камалак пайдо бўлди. Камалак кийик ва оҳулар юрадиган тоғлар чиройига чирой қўшиб турардилар. Шундай гўзал манзара эдики, Вой-Қўрқаман ҳайратланиб, завқдан энтикиб кетди. Аммо у бундан ҳам ажойиб нарсани пайқади. Чўпон Вой-Қўрқаман билан суҳбатлашаётганда, Қайғу билан Азоб четроққа — сўқмоқ йўлнинг ёнига ўтиб турдилар. Камалакнинг эса ерга тегиб турган учларининг бири Қайғуга, бири Азобга тегиб турган эди. Камалакнинг ялтираётган шуъласига ўралган бу иккита гавда шунчалик ўзгариб кетдики, Вой-Қўрқаман уларга бир дақиқадан ортиқ қараб тура олмади. Улардан таралаётган нур Вой-Қўрқаманнинг кўзларини қамаштириб юборди. Вой-Қўрқаман илгари қила олмаган ишини энди қилди: у чўккалаб, қоянинг остида қурбонгоҳ қилди. Унинг устида ўзининг иродасини, қўрқувларини ва хавотирликларини қўйди. Олов ўчгандан кейин, у кул орасидан бошқа тошлардан каттароқ думалоқ тош топди. Тош тўқ рангда бўлиб, қиррали эди. Аммо бошқа жиҳатлари оддий тошлардан фарқ қилмас эди. Вой-Қўрқаман тошни халтасига солиб қўйди ва ўрнидан туриб, Чўпоннинг кўрсатмаларини кутиб турди. У: «Чўққига чиқиш ваҳимали бўлгани учун Чўпоннинг Ўзи менга ҳамроҳ бўлади», деб ўйлаб, ўзича кўнглини кўтариб турди. Чунки Чўпон Вой-Қўрқаман билан бирга саҳрони босиб ўтган эди-ку. Аммо У бу сафар ундай қилмади. Бунинг ўрнига, Чўпон уни қоя этагига олиб келди ва деди: «Мана энди сен ниҳоят, Чўққилар этагига етиб келдинг. Энди саёҳатингнинг янги босқичи бошланади. Сен янги сабоқларни ўзлаштиришинг керак. Мана сен ҳозир шу қоя этагида турибсан, бу қоя тоғ тизмасининг бошланишидир. Бу тоғ тизмаси икки томонга чўзилиб кетади ва ҳамма жойда у шундай тик ва баъзи жойларда бундан ҳам тикроқдир. Бундан ҳам даҳшатлироқ қоялар бор — Жанг қояси, Нафрат қояси, Ҳайдалиш қояси ва бошқалар. Шу қоялардан ҳеч бўлмаганда, биттасини забт этмасанг, Чўққиларга етиб бора олмайсан. Мен бу қояни сен учун танладим. Бу ерга келаётганингда, сен «Қувонч ва Қабул қилиш сабоғи»ни ўзлаштирдинг. Бу А ҳарфидир. Энди эса Б ҳарфини ёд оласан. Сен Жароҳат қоясининг этагига етиб келасан. Умид қиламанки, сен шу қоядан юқорига кўтарилиш йўлида бу ҳарфни ўзлаштириб оласан. Бу ҳарфни эслаб қолиб, келажак ҳаётингда худди олдингисига ўхшаб уни ҳам татбиқ этасан. Ёдингдан чиқарма: Жароҳат қоясини забт этиш зарур бўлса ҳам, агар сен иккинчи сабоқни ўзлаштириб олсанг, шунда сенга Севги йўлида ҳеч нарса зарар етказа олмайди ёки ҳеч кимса сени жароҳатлай олмайди». Чўпон шу сўзларни айтиб ўзгача бир тантанаворлик ва мулойимлик билан қизнинг бошига қўлини қўйди ва унга оқ фотиҳа берди. Кейин унинг ҳамроҳларини чақирди ва ўз қўллари билан қоя ёриғидан арқон олиб юқорига кўтарилмоқчи бўлган учала йўловчини боғлади. Энг олдинда Қайғу, ўртада Вой-Қўрқаман, энг орқада эса Азоб борар эди. Шундай қилиб, агар Вой-Қўрқаман сирпаниб йиқилса ҳам, ҳамроҳлар уни арқон ёрдамида ушлаб қолиш имкониятига эга эдилар. Энг охирида Чўпон қаердандир кичкина шиша идиш олди, унда юрак томчилари бор эди. Чўпон шиша идишни Вой-Қўрқаманга берди-да, «Озгина ичиб ол», деб буюрди. Кейин: «Агар юқорига кўтарилаётганингда, бошинг айланса ёки ўзингни ёмон ҳис қилсанг, яна ичиб ол», деб маслаҳат берди. Бу идишнинг ёнига «Марҳамат ва Тасалли руҳи» деган сўзлар ёзилган эди. Вой-Қўрқаман шишадан бир-икки томчи ичди-ю ўзида жуда катта ўзгариш сезди. Унинг кучига куч қўшилиб, тоққа чиқишни кечиктирмасдан бошлашга ўзини тайёр қилди. Аммо юрагининг тубида озгина қўрқув ҳисси бор эди. Кун охирлаб борар эди. Лекин ҳозир ёз бўлгани учун қоронғу тушишига ҳали бир-икки соат бор эди. Чўпон уларга тез йўлга тушишни буюрар экан, шундай деди: «Кеч тушгунга қадар сизлар Чўққига чиқиб олишга улгурмайсизлар, аммо юқорироқда бу ердан кўринмайдиган ғор бор. У ерда сиз дам олишингиз ва кечани бехавотир ўтказишингиз мумкин. Вой-Қўрқаман, агар сен бу ерда — тоғ этагида қолсанг, душманларинг, олдингга писиб келиб, сенга зарар етазишга уринишлари мумкин. Бу йўлдан юрганингда, улар ортингдан бора олмайдилар. Сен қанча юқорига кўтарилсанг, улар учун шунчалик қўл етмас бўласан. Лекин сен улар билан тепага чиққанингда учрашасан. Мен бунга ишонаман». Чўпон шу сўзларни айтиб, уларнинг кўнглини кўтариш учун жилмайди ва улардан узоқлаша бошлади. Қайғу зудлик билан тор йўлдан кўтарила бошлади. Йўл илон изи шаклида эди. Унинг кетидан Вой-Қўрқаман, кейин Азоб кўтарила бошладилар. Шундай қилиб, улар Чўққиларга чиқа бошладилар. 10-боб. Жароҳат қоясига кўтарилиш Вой-Қўрқаман Чўққига кўтарилар экан, ҳайрат ва миннатдорчилик билан бир нарсани билди: улар кетаётган йўл пастдан кўрингани сингари хавфли ва қўрқинчли эмас экан. Албатта, йўл тик, сирпанчиқ, жуда тор эди. Аммо Вой-Қўрқаман ҳамроҳларига арқон билан боғлангани учун, юрагига таскин берар эди. Шунингдек, у ҳозиргина ичгани Мурувват ва Тасалли руҳи унга қувват бахш этиб, боши айланишидан халос бўлишига ёрдам берди. Вой-Қўрқаман қўрққан нарса шу эди. Бундан ташқари, илк бора кўтарилганларида, уларнинг йўлини камалак шуъласи ёритиб турарди. Чўпоннинг кўздан йўқолганига анча бўлган бўлса ҳам, Вой-Қўрқаманга У бирга кетаётгандай туюлар эди. Вой-Қўрқаман пастга қарамасликка ҳаракат қиларди. Аммо йўлнинг энг бошида — ўтиш жуда қийин кечган жойда Қайғу олдинга йўл топаётган пайтда қоянинг ёриғида ўтиришга тўғри келди. Азоб эса орқада кутиб турарди. Худди шу пайтда Вой-Қўрқаман пастга қаради ва Чўпон уларга кечаси пастга қолишга ижозат бермай, кеч бўлса ҳам кўтарилишга даъват қилгани учун Унга ичида миннатдорчилик билдирди. Чунки пастда тошлар устида Вой-Қўрқаманнинг бешала душмани ҳали ҳам ўтирган эдилар. Улар Вой-Қўрқаманни пастдан туриб кузатар, қаҳр-ғазабдан унга қараб афтларини бужмайтирар эдилар. У пастга қараганда, Афсус ҳаммасидан хавфсиз, бадбашара кўринган эди. Аммо Афсус ердан катта қиррали тошни олиб Вой-Қўрқаманга отди. Яхшиямки, Вой-Қўрқаман анча тепада эди, аммо тош қизга тегишига оз қолди. Шунинг учун Қайғу секингина арқонни силтаб, йўлда давом этиш мумкинлигини билдирди, қиз енгил нафас олди. Вой-Қўрқаман Чўпоннинг огоҳлантиришини эслади. У Вой-Қўрқаманга: «Душманларинг билан учрашиб қолишинг мумкин», деб айтган эди. Аммо душманлари қандай йўл билан юқорига кўтарилади — Вой-Қўрқаман буни тасаввур қила олмасди. Агар Жароҳат қоясига кўтариладиган бошқа бирон йўл бўлса, ана шунда улар кўтарилишлари мумкин. Шундай қилиб, учала йўловчи юқорига кўтарила бош-ладилар. Пастда — текисликда қоянинг сояси тобора узунлашиб бораверди. Қуёш шафағи Буюк денгиз ва саҳродан пастга тушди. Улар чиққан баландликдан Ғарбий денгизни, улар анча вақт саёҳат қилган қирғоқларини йўловчилар яққол кўра олар эдилар. Саёҳатчилар келаётган сўқмоқ қоядан тобора тепага ўрлайвердилар. Қоя уларнинг оёқлари остида майдаланса ва баъзи жойларда сўқмоқ йўл тугаб қолса ҳам, Вой-Қўрқаманга йўл унча қийин туюлмас эди. Ҳаттоки, Қўрқув унга кўрсатган жой ҳам унчалик қийин эмас экан. Қоронғу тушгунча Вой-Қўрқаман ўша жойга етиб келиб кўрдики, йўл ўйдим-чуқур экан. Аммо жарлик устига тахта кўприк ташланган бўлиб, қояга маҳкамланган эди. Ўтиш учун иплардан қилинган тутқичлар ҳам бор экан. Кийиклар бу кўприкдан ўтишни ўзларига номуносиб деб билишарди. Улар бир сакраб бу жарликдан ўтиб, елиб кетаверардилар. Гарчи тутқичлар ўтиш учун ишончли бўлса ҳам, Вой-Қўрқаман пастга қармасликка, Қўрқувнинг гапларини эсламасликка ҳаракат қиларди. Унга аччиқ тажрибадан аён эдики, ўз тасаввурида туғилган манзаралар анча даҳшатлироқ бўлиб, уни кўпроқ қўрқитар эди. Тахта кўприкдан эсон-омон ўтиб олган йўловчилар тоғнинг жуда тор бўртиқ, пастдан асло кўринмайдиган жойига етиб келдилар. Улар Чўпон айтган ғорга етиб келган эдилар. Вой-Қўрқаман ва унинг ҳамроҳлари кечани шу ғорда ўтказишлари керак эди. Вой-Қўрқаман энди анча енгил тортган, Чўпондан миннатдор бўлган эди, у ғорга кириб, у ерни кўздан кечирди. Ғор шундай жойлашган эдики, у ерда ўтирган кишига бошни айлантирувчи пастлик кўринмас, атроф эса яхши кўриниб турарди. Вой-Қўрқаман анча вақт саҳрони, узоқдаги денгизни кузатиб турди. Ёғдуси билан атрофни кумуш нурга чўмдириб ой чиқди. Қорайиб кўринаётган осмонда биринчи юлдузлар хира нур соча бошлади. Ғорда кимдир тошдан курсилар, хонтахта ясаб қўйган экан. Ерда эса қўй терилари уюми бўлиб, уларнинг устида дам олса бўларди. Ғор оғзидан унча узоқ бўлмаган жойда кичкина шаршара оқиб ўтарди. Йўловчилар унинг ёнига келдилар ва навбатма-навбат ювиндилар. Кейин Азоб билан Қайғу нон, қуритилган мевалар ва ёнғоқ солинган тугунни олдилар. Бу тугунни тоғ этагида уларга Чўпон берган эди. Улар тамадди қилиб олдилар. Кейин эса чарчаганларидан ухлашга ётдилар, ҳатто туш кўрмай ухладилар. Вой-Қўрқаман эрталаб қуёшнинг илк нурлари билан баравар уйғонди ва ғорнинг оғзига келди. Кейин ташқарига қаради-ю кўзга кўринган ғамгин манзарадан ваҳимага тушди. Нигоҳлар етиб борадиган жойгача бўм-бўш текислик ва денгиздан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Вой-Қўрқаманнинг боши узра баланд қоялар юксалиб турар, оёғи остида эса фақат учли тошлар ётарди. Йўловчилар яқиндагина ташлаб чиққан ёқимли ўрмонлар кўздан йўқолиб, унинг ўрнида фақат ҳар ер-ҳар ерда қуриб ётган буталардан бошқа нарса ўсмайдиган чўлу биёбон кўзлари олдида ястаниб ётарди. «Қандай ҳайҳотдай жой, — хаёлидан ўтказди Вой-Қўрқаман, — бу ерда ётган тошлар шунақа шафқатсиз кўринадики, худди устларига тушган нарсани мажақлаб, йўқ қилиб юборишни кутиб ётганга ўхшайди. Бу саҳрода ҳеч нарса ўсмайдигандай туюлади». У юқорига — боши устидаги қояларга қараган пайтда у ғайрат ва завқ-шавқдан ирғишлаб юборди. Ҳар замон-ҳар замонда бир неча томчи сув тушадиган кичкина тоғ ёриғида миттигина ёлғиз ўсимлик кўринди. Бу ўсимликнинг бор-йўғи икки-учта барги ва соч толасига ўхшаш ингичка поячаси бор эди. Поячасида қонга ўхшаш қизил гули ҳам бор эди. Қуёшнинг тонгги нурларида гул оловдай товланарди. Вой-Қўрқаман бир қанча вақт гулни ва гулнинг ўсишига ҳалақит бераётган деворни, гулга ёруғлик тушиб турган торгина тешикни кузатиб турди. Гулни кузатиб турар экан, унинг тамомила ёлғизлигини ўйлади. Гулнинг илдизларини тош ҳар томондан сиқиб турар, барглар эса «қамоқ»дан чиқа олмас эди. Шундай бўлса ҳам, гул миттигина юзини қуёшга буриб, яшнаб очилди ва худди қувонч алангаси каби товлана бошлади. Вой-Қўрқаман бу тошлар орасидан мардонавор ёриб чиққан гулга қараб худди саҳрода сўраганидай сўради: «Исминг нима, эй жажжи гул? Мен сенга ўхшаган гулни кўрмаганман». Шу пайт қуёш гулнинг қип-қизил япроқларига тушди, гул барглари олдингидан ҳам ёрқинроқ товлана бошлади. Шу пайт Вой-Қўрқаман гулнинг шивирлаган овозини эшитди: «Менинг исмим — ҳаммани кечирувчи, шунинг учун ҳамма мени Кечирим деб айтади». Шунда Вой-Қўрқаман Чўпоннинг қуйидаги сўзларини эслади: «Юқорига йўл олганингда, сен Севги алифбосининг навбатдаги алифбосини ўрганасан ва ундан фойдалана бошлайсан». Вой-Қўрқаман жажжи гулга қараб, яна сўради: «Нега исмингни шундай деб айтадилар?» Вой-Қўрқаман яна гулнинг жарангли кулгусини эшитди, гул унга гапиргандай туюлди: «Мени барча дўстларимдан жудо қилишди, уйимдан қувғин қилишди. Мени шу ерга олиб келиб, мана шу тош «қамоқ»қа қамаб қўйдилар. Гарчи мен буни истамасам ҳам, шу кўйга солдилар. Мени шу ерда ташлаб кетдилар, улар қилган қилмишларнинг жазосини мен тортяпман. Аммо ҳаммасига чидадим, сўлиб қолмадим, севгини тарк этмадим. Қояни ёриб чиқишимга севги ёрдам берди. Энди мен шу ердан туриб Севгининг юзига — қуёшнинг юзига қарай оламан. Мана, кўряпсанми? Энди мен билан севгилим орасида ҳеч нарса йўқ, мени ундан юз ўгиришга ундайдиган бирон нарса ҳам йўқ. Қуёш менга нурларини сочиб, менга қувонч бахш этади. Мен жудо бўлганларнинг ўрнини қуёш тўлдирди, менга кўрсатилган зулмдан халос қилди. Бутун оламда мендан бахтлироқ ва мендан ортиқ ҳузур-ҳаловат топган гул йўқдир. Мен ўз Севгимга онаси кўкрагидан айрилган бола сингари талпинаман ва шундай дейман: «Осмонда мен учун ким бор? Сен билан ерда ҳеч нарсани хоҳламайман». Вой-Қўрқаман боши устида нур сочаётган алангага қаради ва юрагида рашкка ўхшаш чанқоқликни ҳис қилди. У нима қилиши лозимлигини биларди. Гул ўсаётган қоя олдидаги тор сўқмоққа Вой-Қўрқаман тиззалаб ўтирди ва шундай деди: «Эй Худойим! Мана мен Сенинг кичкина хизматкорингман, ҳамма нарсани кечирадиганман». Шу пайт гул илдизини сиқиб турган тошнинг бир бўлакчаси синиб Вой-Қўрқаманнинг олдига тушди. Вой-Қўрқаман тошни олиб, авайлаб халтасига солиб қўйди. Энди халтасидаги тошлар саккизта бўлди. Вой-Қўрқаман ғорга қайтиб келди. Қайғу билан Азоб нонуштага нон, майиз, ёнғоқ тайёрлаб, Вой-Қўрқаманни кутиб туришган экан. Улар Худога шукр айтиб, нонушта қилдилар. Кейин бир-бирларини арқон билан боғлаб, яна юқорига кўтарила бошладилар. Тез орада улар жуда сирпанчиқ, тик қояга етиб келдилар. Шу ерда Вой-Қўрқаман биринчи марта йиқилиб тушди. У қоқилиб кетиб, қиррали тошнинг четига урилди. Яхшиямки, Вой-Қўрқаман ҳамроҳларига маҳкам боғланган эди. Унинг боши айланиб, ҳушини йўқотиб қўйишига оз қолди. Агар у ҳамроҳларига боғланмаганда эди, сўқмоқдан тошлар устига сирпаниб кетиб, ҳалок бўлиши турган гап эди. Шуларни кўз олдига келтирган Вой-Қўрқаман шунчалик ваҳимага тушдики, ерга қапишиб олиб, ҳамроҳларини ёрдамга чақира бошлади. Олдинда кетаётган Қайғу арқонни кучлироқ тортди. Азоб эса Вой-Қўрқаманнинг олдига келиб, уни қучоқлаб, тасалли берди: «Чўпон берган қалб дорисидан бир неча томчи ичиб ол».Вой-Қўрқаман ўзини ёмон ҳис қилиб, қўрқиб кетди. У Азобнинг қучоғида ётиб ҳансираб нафас олар экан: «Идиш қаерда қолди экан, билмадим, уни қидирай десам, қимирлай олмайман». Шунда Азоб заифлашиб бораётган қизнинг чўнтагидан дори идишини олди ва қопқоғини очиб, қизнинг оғзига бир неча томчи дори томизди. Бир неча сониядан кейин Вой-Қўрқаманнинг юзларига қизиллик югуриб, ўзига кела бошлади. Лекин у ҳалиям ўрнидан тура олмасди. У яна Марҳамат ва Тасалли руҳидан озгина ичдию яна кучга тўлаётганини ҳис қилди. Шундан кейин Қайғу Вой-Қўрқаман ўтирган жойга келди ва арқонни қисқартириб, қиз бемалол ўрнидан тура оладиган қилди. Шундан кейин Вой-Қўрқаман ўрнидан туриб, унинг қўлларидан ушлади. Улар яна юқорига давом этдилар. Аммо Вой-Қўрқаман сездики, йиқилганда тиззаси қаттиқ лат еган экан, шунинг учун яна оқсоқланиб юра бошлади. У тинимсиз инграр, ўқтин-ўқтин тўхтаб қоларди. Ҳамроҳлар уни чидамли бўлишга даъват қилар эдилар-у, аммо шошилишлари керак эди. Акс ҳолда қоронғу тушгунча улар қоянинг чўққисига етиб бора олмасликлари мумкин эди. Тунни ўтказиш учун бу яқин орада бирон бошқа ғор йўқ эди. Ниҳоят, Азоб Вой-Қўрқаман томонга эгилиб, ундан сўради: «Бугун эрталаб бир ўзинг ғордан чиқиб сайр қилганингда нималарни кўрдинг?» Вой-Қўрқаман ҳаяжонланиб, унга қаради ва уялганидан қизариб деди: «Бир гулни кузатдим. Бунақа гулни илгари ҳеч қачон кўрмаган эдим. Бу гул шаршара ёнидаги қояда ўсар экан». «У қандай гул экан?» — секингина мулойимлик билан сўради Азоб. «Исми ҳамма нарсага Чидамли экан, — жавоб берди Вой-Қўрқаман, — аммо баъзилар уни Кечирим гули деб атар экан». У ўзи қурган қурбонгоҳни эслаб, бир неча дақиқа жим қолди. У Севги алифбосининг янги, аммо қийин ҳарфидан бу ҳаётда фойдаланмаётганини англаб қолди. «Қизиқ, агар Қалб дорисидан бир неча томчини тиззаларимга томизсам, оғриғи қолмасмикан», — деди. «Ажойиб фикр! — жўр бўлиб жавоб берди Қайғу билан Азоб. — Кел, шундай қиламиз». Улар Қалб дорисидан бир неча томчини Вой-Қўрқаманнинг тиззаларига томизган эдилар, ўша заҳоти қон оқиши тўхтади, яраларининг ачиши ҳам, оғриқлари ҳам тўхтади. Аммо оёқлари ҳалиям ўзиники эмасдай туюларди, шу боис оқсоқланиб юришга мажбур эди. Аммо йўловчилар олдингига қараганда тезроқ юриб кетдилар. Тушдан кейин — кечга яқин ўша ваҳимали қоянинг чўкқисига чиқиб, қарағайлар ўсиб ётган ўрмонга етиб келдилар. Сўқмоқ ёқасидаги кичик тепаликларда йўғон, кўм-кўк мевалари бор ниҳолчалар ўсиб ётган экан. Забт этиб бўлмайдигандай туюлган қоя чиндан ҳам ортда қолди Улар ўрмон ичидаги тепаликда дам олгани ўтирдилар. Шу пайт бирдан қўшиқ овозини эшитиб қолдилар. Менинг севгим бекаму кўстдир, Сенда ҳам ҳеч қандай доғ йўқдир. Юр, тоғлар чўққисига чиқайлик, Токи гўзал тонгни кўрайлик.Биз чиқамиз Мирра тоғига, Ҳамда Иссоп тепаликларига. У ерда масъумлик нур сочар. Соялару туманни қувиб солар.Юр Мен билан азизам, Лубнон чўққиларига чиқайлик. Ва зимистон Сенирни кузатиб, Ешмону Амонни кўрайлик.У ерда шерлар беркиниб ётади, Зимистонда йўлбарслар писиб келади. Эгам берган бу ерда Шодлик, қувонч ҳукм суради. Дарахтлар орасидан улар томонга Чўпон оҳиста юриб келар эди. 11-боб. Таҳлика, Ғам-қайғу ўрмонларида Улар Чўпонни жуда мамнуният билан кутиб олдилар. Чўпон уларнинг ёнига ўтирди ва қояга чиқиб олганлари билан муборакбод қилди. Чўпон қўлларини Вой-Қўрқаман яралари устига қўйга эди, яралар ўша заҳоти битиб қолди. Кейин йўловчиларга олдиларида турган йўл ҳақида гапириб бера бошлади: «Энди сизлар бу тоғларга то қорли чўққиларгача қопланган ўрмонлар бўйлаб юришингиз керак. Бу йўл жуда машаққатли, аммо йўлингизда тоғларнинг пана жойлари тез-тез учраб туради. Бу Таҳлика ва Ғам-қайғу ўрмонларидир. Ўрмондаги дарахтлар шунчалик баланд, шунчалик қалин ўсганки, сўқмоқ анча қоронғу бўлиши мумкин. Сизлар доимо олдинга интилинг. Эсингиздан чиқарманг, сизлар Менинг хоҳиш-иродам сўқмоғидан юрар экансиз, сизларга ҳеч ким ва ҳеч нарса зарар етказа олмайди». Шу қояларга етиб келгунларига қадар йўлда учраган барча қийинчиликларни Вой-Қўрқаман муваффақият билан енгиб ўтса ҳам, унинг ҳамон ўз исми жисмига монанд эканлигига ҳайрон қолса бўларди. Ҳа, чиндан ҳам шундай эди! Чўпондан «таҳлика», «қайғу-ғам» сўзларини эшитган Вой-Қўрқаман терак барги сингари қалтирай бошлади. «Таҳлика, Ғам-қайғу ўрмонлари! — такрорлади у аянчли титроқ овоз билан. — Оҳ, Чўпон! Сиз мени қаерларга олиб боряпсиз-а?!» «Чўққиларга борадиган йўлнинг навбатдаги босқичига», — деди У жилмайиб. «Билмадим, Сиз қачон мени у ерларга олиб бора оларкансиз, — деди ақлсизларча Вой-Қўрқаман. — Сиз ҳалиям бу ишингизни ташламай, мен билан бирга овораю сарсон бўлиб юрганингизга ҳайронман. Менинг оёқларим олдингидай оқсоқлигича қоладиганга ўхшайди, оёқларимни ҳатто Сиз ҳам кийик оёқларидай қила олмайсиз, шекилли». Шундай дея у оёқларига умидсизлик билан боқди. Бу дақиқаларда оёқлари ҳар доимгидан ҳам қийшиқроқ кўринар эди. «Мен инсон эмасман, алдашни билмайман, — деди жиддий равишда Чўпон. — Гапимга қулоқ сол, Вой-Қўрқаман, сенингча, Мен сени алдаяпманми? Мен нимани айтиб, бажармаяпман?» Вой-Қўрқаман бир сесканиб қўйди, бунга Чўпоннинг гапириш оҳанги сабаб бўлдими ёки унинг табиатига боғлиқ эдими — ўзи ҳам билмади. У Таҳлика ва Ғам-қайғу ўрмонлари қандай бўлишини кўз олдига келтиришга ҳаракат қилди. Аммо у кўз олдига келтирган манзара жуда ғамгин, ҳасратли эди, шунинг учун бунга уринмаслиги керак эди. Шундай бўлса-да, у сабр-тоқат билан жавоб берди: «Инсон зотидан эмаслигингиз менга маълум, мени аладмаслигингизни ҳам биламан. Сиз амр этган ҳамма нарсаларни бажаришимга ҳам кўзим етади». «Кўзинг етса, Мен сени Таҳлика ва Ғам-қайғу ўрмонларидан олиб ўтаман, деди Чўпон меҳрибонлик билан. — Сен қўрқма, Мен сен билан бирга бўламан. Сени Ўлик соялар водийсидан олиб ўтсам ҳам, қўрқма. Менинг таёғим ва ҳассам сени ҳимоя қилади». Сўнг Чўпон яна қўшимча қилди: «Туннинг ваҳимасидан, кундузи учадиган ўқдан, зимистонда юрадиган ярадан, кундузи вайрон келтирувчи мараздан қўрқма. Сенинг олдингга минглаб, ўн минглаби тушади. Аммо сенга яқинлашмас» (Забур 90:5-7). Чунки Менинг қанотларим сенга соя солиб туради, қанотларим остида сен хавф-хатардан холи бўласан». Чўпоннинг хушмуомалалик билан айтган бу сўзларини тасвирлашга тиллар лол эди. Вой-Қўрқаман Чўпоннинг оёқлари остига тиз чўкиб, яна бир қурбонгоҳ қурди. Кейин Чўпонга қараб деди: «Ҳа, агар мен Ўлим сояси водийсидан ўтсам ҳам зулмдан қўрқмайман, чунки Сиз мен билансиз». Шунда Вой-Қўрқаманни совуқ тер босиб, баданида титроқ турди. У Чўпоннинг кўзларига қараб, қўшиб қўйди: «Чунки Сен инсон эмассанки, алдасанг, одам боласи эмассанки ўзгариб қолсанг. Сен айтасану қилмайсанми?! Гапирасану бажармайсанми?!» Чўпон уни хотиржам қилиш учун жилмайди ва иккала қўлини Вой-Қўрқаманнинг бошига қўйиб, унга деди: «Бардам бўл, дадил бўл, қўрқма». Сўнг давом қилди: «Ҳеч қачон булар қандай кечишини кўз олдингга келтиришга ҳаракат қилма, Вой-Қўрқаман. Сен ҳали ўзинг қўрқадиган жойларга етиб борганингда, кўрасан. У жойлар сен тасаввур қилган жойларга асло ўхшамайди. Қояга чиқаётганингда ҳам шундай бўлди-ку. Мен ҳозир дарахтлар орасидан писиб келаётган душманларингни кўряпман. Сен қачон тасаввурингга Қўрқув ҳукмронлик қилишига имкон берсанг, қўрқмайдиган жойда ҳам қўрқаверасан, титраб-қалтираб турасан». Чўпон шундай деб Вой-Қўрқаманнинг оёқлари остидан битта тошни олиб берди-да: «Халтангдаги тошлар ёнига солиб қўй», деб буюрди. Шундан кейин Чўпон Ўз йўлига кетди, Вой-Қўрқаман ҳам ҳамроҳлари билан баландликка олиб борадиган ўрмонлар ичидаги сўмоқдан ўз йўлига кетди. Улар ўрмонга киришлари биланоқ, дарахтлар ортидан кузатиб турган пасткаш Афсусни кўриб қолдилар. «Гапимга қулоқ сол, Вой-Қўрқаман, — деб гапини бошлади у. — Бу тентаклик-ку! У яна нималар қилмоқчилигини айтмоқчиман. Кичкинагина, заиф, оқсоқ қизни шу синовларга дош беришга мажбур қилиш… бу синовларга мард, бақувват эркакларгина бардош бера олишлари мумкин. Чўпонинг Қўрқувдан ҳам баттар золим экан». Афсус гапини тугатар-тугатмас Ранж бошини кўтарди, у жаҳл билан деди: «Бунинг учун ҳеч қандай сабаб ҳам йўқ-ку! Ўрмонни айланиб ўтадиган бехатар йўл ҳам бор. Ўша тўғри йўл сени тўппа-тўғри қорли Чўққиларга олиб боради, сен бехавотир, бемалол хоҳлаган жойингга етиб оласан. Ҳамма шу йўлдан юради, ахир, нима учун сен юрмаслигинг керак?! Унга айт, мен хатарли йўлдан эмас, бехатар йўлдан бораман, деб туриб ол. Бу йўл фақат жафокашлар учун, сен улардан эмассан-ку». Кейин Қўрқув пайдо бўлди. У бир неча дақиқа айёрона назар билан қараб турди-да, сўнгра деди: «Шундай қилиб, сен ўзингни кичкина қаҳрамон деб ўйлаяпсан-да, тўғрими? Таҳлика ўрмонидан қўшиқ айтиб ўтмоқчимисан? Сени ишонтириб айтаманки, Вой-Қўрқаман, сен худди телбаларга ўхшаб бақириб-чақираверасан, умринг охиргача майиб-мажруҳ бўлиб ўтасан». Навбат Аччиққа келди. У бир дарахтнинг орқасидан бошини чиқариб масхара қила бошлади: «Бу унга жуда ўхшайди-ку, мен сенга айтган эдимки, ҳар сафар битта қийинчиликни енгиб ўтганингда, У сенга яна бошқа синовларни қўяди». Энди гапга Такаббур аралашди (у ҳали ҳам оқсоқланиб юрар, бундан эса ҳамон қаттиқ ғазабда эди): «Билиб қўй, У сени шарманда қилмагунча тинчимайди. У шу йўл билан сени шарманда қилиб, Ўзига тамомила бўйсундириб олмоқчи. У сени янчиб ташлаб, ҳамманинг кўзи олдида аҳмоқ қилиб кўрсатмоқчи».Вой-Қўрқаман билан унинг ҳамроҳлари уларнинг гапларига жавоб бермасдан ўз йўлларида давом этавердилар. Аммо худди олдинги сафар бўлганидай, Вой-Қўрқаман душманларининг масхараомуз гапларини эшитганда, баттар оқсоқлана бошлади. У ўзини йўқотиб қўйишига оз қолди, нима қилишини билмасди. Вой-Қўрқаман душманларининг гапларини эшитганда, кўпроқ оқсоқланадиган бўлди. Уларнинг гапларини эшитмай, деб қулоқларини қўллари билан беркитиб оладиган бўлса, ҳамроҳларининг қўлидан ушлаб ололмасди, натижада сирпаниб ёки қоқилиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун йўловчилар бир неча дақиқага тўхтаб қолдилар, ҳозир қандай вазиятда турганларини маслаҳат қила бошладилар. Азоб халтасидан кичкинагина дори қутисини олди ва ичидан пахта олиб, Вой-Қўрқаманнинг қулоқларини беркитди. Бу унчалик қулай бўлмаса ҳам, кутилган натижани берди. Ҳеч бўлмаганда, оз вақт бўлса ҳам Вой-Қўрқаман душманларининг гапларини эшитмас эди. Хуллас, бу бешала пасткашнинг гапларига Вой-Қўрқаман қулоқ солмади, шунинг учун улар Вой-Қўрқаманни ортиқ мажбур қила олмай, кўп ўтмай, бақиришдан тўхтаб, Вой-Қўрқаманни тинч қўйдилар. Шундай қилиб, кейинги сафаргача. Бошланишида ўрмон унчалик қўрқинчли туюлмади. Балки юқорида — тоғларда ҳаво шунчалик тоза ва тетиклаштирувчи бўлгани сабабли, нафас олган одам тетик, бардам бўлса керак. Қуёш чарақлаб нур сочарди. Вой-Қўрқаман ўзида нотаниш, янги бир ҳаяжонни ҳис қилди, балки бу саргузаштлар натижасида пайдо бўлган қониқиш ҳиссидир. Тасаввур қилинг: оқсоқ Вой-Қўрқаман таҳликали, хатарли ўрмонлардан юриб, қўрқиш ҳиссини сезмаса-я! Бу ҳолат узоқ давом қилди. Ниҳоят, паға-паға қоп-қора булутлар осмонни қоплаб олди. Қуёш кўринмай қолди. Олисда чақмоқ чақди, ўрмонга зулмат, сокинлик чўкди. Тўсатдан момақалдироқ гумбурлади, унча узоқроқ бўлмаган жойда дарахт қулади. Кейин иккинчиси, учинчиси… Бирдан ҳамма ёқда бўрон бошланди. Чақмоқнинг чақнаши, момақалдироқнинг гумбурлаши, атрофда шовқин-сурон, худди ўрмон инграётганга, титраб-қақшаб емирилаётганга ўхшарди. Вой-Қўрқаман йиқилаётган дарахтларнинг гумбурлашидан бир сесканиб тушар, аммо бундан қўрқувга тушмасди. Умуман ғалати бир ҳолат эди. У ваҳимага тушмади, қўрқувдан бирон пана жойга қочиб бориб яширинишни хаёлига ҳам келтирмади. Доимо бир гапни ичида такрорлайверди: «Сенинг ёнингда мингтаси, ўн мингтаси йиқилади. Аммо сенинг ёнингга яқинлашмайдилар…Чунки мен сени қанотларим билан ҳимоя қиламан, қанотларим остида сен бехавотир бўласан». Шунинг учун ҳам бўрон авжига чиқиб қутураётганда, унинг бутун вужудини аллақандай хотиржамлик қамраб олди. Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан ўрмонда давом этар экан, ўзига ўзи деди: «Мен ўлмайман, аммо яшайман ва Раббимнинг ишларини ҳаммага эълон қиламан». Охири, бўрон тина бошлади, момақалдироқ овози ҳам секинлашиб қолди. Атрофга вақтинчалик бўлса ҳам, сокинлик чўкди. Йўловчилар, кийимларимизни қуритиб, ўзимизни тартибга солайлик, деб тўхтадилар. Улар шу ташвишлари билан банд бўлиб турганларида, бирдан Қўрқув пайдо бўлди, «Билиб қўй, Вой-Қўрқаман! — деб бақирди у. — Бўроннинг тингани вақтинчалик! Бир оздан кейин яна бошланади! Мен бўроннинг яқинлашиб келаётганини эшитяпман! Бу сафар олдингидан кучлироқ бўлади! Тезда қочиб қол! Кучинг борида бу хатарли ўрмондан чиқиб кет, бўлмаса, шиддат билан қутуриб, сени ҳалок қилади. Ҳозир қочиб қутулишингга имконият бор!» «Гапимга қулоқ солинглар! — кутилмаганда ҳаммага қарата хитоб қилди Вой-Қўрқаман, унинг сочларидан томаётган томчилар ҳўл кўйлагини оёқларига ёпиштириб, қийшиқ оёқларини янада аниқ кўрсатиб турарди. — Менга доимо беҳуда бақирадиган бу йигитнинг қилиқларига мен энди тоқат қила олмайман! Менга ёрдам беринглар! Иккалангиздан ҳам илтимос қиламан!» Вой-Қўрқаман энгашиб, ердан тош олди ва ҳамроҳларига қаради-да, Қўрқоқ томонга тошни ирғитди. Унинг ҳамроҳлари биринчи марта кулиб юбордилар, ҳаммалари дарахтлар орасида биқиниб турган бешала пасткашнинг бошига тошларни дўлдай ёғдирдилар. Бир дақиқа ўтар-ўтмас душманлар қочиб қолдилар. Кейин йўловчилар ўрмон ичидаги ёғоч кулбани кўриб қолдилар. Кулба уларга чиндан ҳам, келинглар, бўрондан сизларни ҳимоя қиламан, деб чорлаётганга ўхшарди. Учалови кулбага қараб югурдилар, аммо кулба ҳали анча узоқда эди. Улар кулбага етиб келдилар, эшикни осонгина очиб, ичкари кирдилар ва Худога шукр айтдилар. Азоб эҳтиёти шарт деб, эшикни ичкаридан тамбалаб қўйди. Бир неча дақиқадан кейин, душманлари эшикни тақиллата бошладилар: «Ҳей, очинглар эшикни! Биз ҳам ичкарига кирайлик. Бўрон бошланяпти. Сизлар шунчалик бағритош экансизларки, бизни ташқарида қолдириб, ҳалокатга дучор қилмоқчисизлар!» Вой-Қўрқаман эшик олдига келди-да, Қўрқувнинг гапларига шундай жавоб қайтарди: «Кучингиз борича қочинглар! Бўрон бошланмасдан, бу хатарли ўрмондан чиқиб кетинглар! Бўлмаса ҳалокатга учрайсизлар!» Эшик ташқарисидан тушунарсиз ҳақорат, кейин узоқлашаётган қадам товушлари эшитилди. Бу сафарги маслаҳат ўз вақтида берилди, шекилли. Ташқарида яна бўрон бошланди ва у олдингидан ҳам даҳшатлироқ эди. Лекин йўловчиларимиз ҳаётига ҳеч нарса хавф сола олмас, уларнинг бошпанаси бор эди. Ҳар қандай дўлу ёмғирдан ана шу бошпана ҳимоя қилар, томдан бир томчи ҳам сув ўтмас эди. Улар қарасалар, хонада сандиқнинг ёнида печка бор экан. Азоб печкага ўт қалагунга қадар, Қайғу чойнакни ёмғир суви оқиб тушаётган тарнов остига қўйиб, сувга тўлдирди. Вой-Қўрқаман деворга маҳкамланган сандиқ олдига келиб, бунинг ичида бирон егулик бормикан, деб очиб қаради. Сандиқнинг ичида идиш-товоқлар, консервалар бор экан. Яна идишларда қотирилган нон ҳам бор экан. Шу тариқа орадан бир оз вақт ўтгач, бўрон тобора қутура бошлади. Йўловчилар печканинг олдида ўтириб, ҳўл кийимларини қуритиб, чой ичдилар. Шамол қулоқни қоматга келтириб, ўкирганига қарамай, уй ичида тинчлик ва хотиржамлик ҳукмрон эди. Вой-Қўрқаман ҳайрат билан тан олдики, бутун саёҳатлари давомида мана шу лаҳзалар энг бахтли, энг сокин дамлар эди. Йўловчилар кулбанинг бошқа жойидан кўрпа-тўшаклар топдилар ва ухлашга ётдилар. Шунда Вой-Қўрқаман ўзига ўзи деди: «У патлари билан менга паноҳ бўлади, қанотлари остида мен хавф-хатардан холи бўламан». Қаттиқ бўрон икки-уч кун давом этди. Шу вақт давомида йўловчилар бемалол дам олдилар. Улар бўрон тингандан кейингина ўтин териш учун чиқдилар. Улар териб келган ўтинларини қуритиб, ўтинхонага териб қўйдилар. Чунки улардан кейин келганлар ҳам печкага олов ёқиб, исинишлари лозим эди. Кулбада етарли озиқ-овқат заҳираси — нон, консервалар бор эди. Эҳтимол, Чўпоннинг хизматкорларидан кимдир вақти-вақти билан кулбага келиб, озиқ-овқат заҳирасини тўлдириб турса керак. Ўрмонда бўрон қутуриб турганда, Вой-Қўрқаман ўз ҳамроҳларини янада яхшироқ билиб олди, уларнинг тилларини бир оз тушуна бошлади. Бу кунларни у тинч, хотиржамлик билан ўтказди. Шу кунларда Вой-Қўрқаман учун ҳамроҳлар чинакам дўстга айландилар, нима учун эканини Вой-Қўрқаманнинг ўзи ҳам тушунмас эди. Чўпон бу иккала аёлга, Вой-Қўрқаманга ёрдам беринглар, унга йўл кўрсатинглар, деб тайинлаган эди. Энди эса улар Вой-Қўрқаманга йўл кўрсатувчилар эмас, балки сирдош дугонага айландилар. Қолаверса, улар бир-бирларига бошқача муносабатда бўла бошлаганларида, унинг атроф-муҳитнинг гўзаллигига ҳам муносабати ўзгарди. Вой-Қўрқаманнинг ҳис-туйғулари ажойиб бир уйғунликда равшанлашди, бу вазият эса унга ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан роҳатланиш имконини берар эди. Унинг ҳамроҳлари илгаригидай ёнида бўлса ҳам, тушунтириб бўлмайдиган завқни бошдан кечирарди. Печка олдида ўтириб, аланга тилларини кузатар, ёғаётган ёмғир овозини тинглар, роҳатланар, кулбада ҳукмрон бўлган осудалик ва хотиржамлик, шамолда чайқалаётган дарахтларни осмонда сузаётган булутларни деразадан томоша қилар, буларнинг ҳаммаси унга ҳузур бағишларди. Ҳали тонг отмасдан тонг юлдузини кузатаётганда, шундай қувонч туйғуларини ҳис қиларди. Бўрон тинганидан қувониб сайраётган қушларнинг овозидан ҳам ором олиб ҳузур қиларди. Шундай дақиқаларда атроф у билан тоғлар лаҳжасида сўзлашар, Вой-Қўрқаман бу тилнинг жуда ажойиб, жарангдорлигини ҳайрат билан эътироф этарди. Бу тил унга шунчалик таъсирчан туюлардики, баъзан кўзлари жиққа ёшга тўлар, қалби тасвирлаб бўлмас завқдан тўлқинланар, ўзини идора қилишга қийналар эди. Бир куни эрталаб бўрон ҳар доимгидан ҳам кучлироқ қутурди. Бирдан Қайғу печка олдида ўтириб, тоғлар лаҳжасида бир қўшиқни секин хиргойи қила бошлади, Вой-Қўрқаман қўшиққа қулоқ солди. Тоғлар лаҳжасини Вой-Қўрқаман анча яхши тушуниб қолган эди. Ҳозир мен сизларга қўшиқ таржимасини ҳавола қиламан, аммо барибир қўшиқнинг асли жуда гўзал эди. Зотан, бу қўшиқ ўрмондаги овозлару қўшиқлардан ташкил топган эди. Эй Шоҳ қизи! Овозларинг Бунчалар гўзал, бунчалар хушрўй! Шовқин солиб югураётган Сувлардан ҳам шиддатлидир. Бирон кийик ё оҳу йўқки бу тоғларда Чарчамасдан ортингдан югура олса. «Тўхта, Қайғу! — хитоб қилди Вой-Қўрқаман. — Сен биронта қўшиқ биласан, хиргойи қиласан, деб ўйламаган эдим». Қайғу секин жавоб берди: «Буни мен ўзим ҳам билмасдим, аммо ўрмон бўйлаб бу ёққа келаётганимизда, қалбимда ҳозир айтаётган қўшиғимнинг сўзлари ва мусиқаси пайдо бўлди». «Қўшиғинг менга ёқди, — деди Вой-Қўрқаман. — Бу қўшиғинг менга қачондир, оёқларим кийик оёқларидай бўлиши лозим, деган фикрни хотирамга туширди. Шунинг учун қўшиғинг менга тасалли берди. Мусиқаси ҳам жуда ёқимли, ўйноқи экан. Хурсанд бўлганимдан сакрагим келяпти». Вой-Қўрқаман оёқларининг мажруҳлигига қарамай, сакрамоқчи бўлди. Бу вазият Қайғунинг кулгисини қистатди. Кейин у Қайғудан ялиниб илтимос қилди: «Менга ҳам шу қўшиғингни ўргатиб қўй, илтимос». Шундай қилиб, Қайғу бир неча марта қўшиқни такрорлади, Вой-Қўрқаман қўшиқни ёдлаб олди. Сўнгра Вой-Қўрқаман хона бўйлаб юриб, қўшиқни хиргойи қила бошлади. Куйлар экан, тоғларда кийикдай сакраб юришини, Чўпон сингари кўз очиб юмгунча Чўққига сакраб чиқишини кўз олдига келтирди. Оёқлари кийикникидай бўладиган кунлар келганда, у Чўпоннинг кетидан қолмай, У борган ерга ортидан бормоқчи эди. У кўз олдига келтирган манзара шунчалик ажойиб эдики, ўша дақиқаларни бемалол ўтириб кутишга тоқат қила олмас эди. 12-боб. Зулматда Ниҳоят, аста-секин бўрон тиниб, тоғдаги шовқин-сурон ҳам тўхтади. Саёҳатни давом эттирадиган вақт ҳам етди. Аммо об-ҳаво тамомила ўзгариб қолди. Бўрон тинган бўлса-да, ҳаво булут, қуюқ туман чўққиларни қоплаб олган эди. Қаҳрамонларимиз йўлга отланганларида,туман шунчалик қуюқлашган эдики, йўл четидаги дарахтлар аранг кўринар эди. Ўрмоннинг бошқа жойлари эса совуқ ва нам, оқ ёпинғич билан ёпилгандай кўзга кўринмасди. Ҳаммаёқ сирпанчиқ, ботқоқ эди. Юқорига олиб чиқадиган сўқмоқ қанчалик тик бўлмасин, Вой-Қўрқаман ўзича момақалдироқнинг гумбурлаши, чақмоқ уриб йиқилаётган дарахтларнинг ваҳимали шовиллаши етшимаётаганидан ажабланди. У қанчалик қўрқоқ бўлмасин, қалбида йўл азобларига ва синовларига хайрихоҳликни ифодалайдиган завқ-шавқ ҳиссиётлари борлигини энди англай бошлади. Диққинафаслик ва бир хилликдан кўра, мана шу синовларга, машаққатларга бардош бермоқ осонроқ эди. Тўғриси, хавф-ҳатарлар уни ҳаяжонга солиб ҳам қўярди. Шундай бўлса ҳам, ҳаяжонланиш унга кўпроқ ёқарди. Ҳаттоки йўлдан адаштирувчи туманга ва зерикарли йўлга қараганда, бошни айлантирадиган жарлик унга кўпроқ ёқарди. Хавфли бўрон ҳам уни доимо йўлга чорлайверарди. Энди эса унинг олдида фақат ғамгин, узундан-узоқ йўл турар эди, холос. Бу йўл кечаю кундуз давом этарди. Атрофда тоғларни қоплаб турган ёпишқоқ тумандан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Қуёш ҳатто ялт этмасди. Охири Вой-Қўрқаман бу ҳолатга тоқати тоқ бўлди: «Наҳотки бу зерикарли туман ҳеч қачон тамом бўлмайди?!» Ишонасизми, шу пайт тўсатдан дарахтлар орасидан таниш овоз эшитилди: «Йўқ, тамом бўлмайди, — деб жавоб берди Ранж. — Бунинг устига, энди яширишнинг фойдаси йўқ, чунки бу ҳолат абадий давом этади: қанча юқори кўтарилсанг, туман шунчалик қуюқлаша боради. Энди саёҳатинг тугагунча, бундан бошқа нарсани кўрмайсан». Вой-Қўрқаман ўзини эшитмаганга солди, аммо ўша овоз гапиришда давом этди: «Ўзинг сездингми, Вой-Қўрқаман, сўқмоғинг асло юқорига кўтарилаётгани йўқ, Сен кетаётган йўлингдан адашдинг, ҳозир бир жойда айланиб юрибсан». Вой-Қўрқаман унга эътибор бермади. Лекин ҳозир Ранж ҳақ эди, унинг гапларини тан олишдан бошқа чораси йўқ эди Вой-Қўрқаманнинг! Ҳақиқатан, улар юқорига кўтарилмас, фақат гоҳ пастга тушиб, гоҳ юқорига чиқиб юрарди. У, кўпроқ пастга тушяпман, шекилли, деб ўйларди. Йўловчилар юқорига кўтарилмасдан, фақат пастга тушишлари мумкинми? Бу қуюқ туманда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Вой-Қўрқаман энди йўлдан адашганларини англаб етди. У ҳамроҳларидан бу тўғрида сўради. Ҳамроҳлари, биз Чўпон белгилаб берган йўлдан адашмай, тўппатўғри кетяпмиз, деб қисқа ва лўнда қилиб тушунтирдилар. Улар Вой-Қўрқаманга: «Сен Ранжнинг гапларига асло қулоқ солмаслигинг керак эди», деб танбеҳ беришди. «Чунки ҳеч ким бизни бошқа йўлдан юришга мажбур қила олмайди», деди улар. «Туманда тўғри йўлимиздан адашиб кетмадикмикан деяпман-да, — деб гапида туриб олди Вой-Қўрқаман. — Чўпон айтган эдики, бу сўқмоқ юқорига элтади деб. Кўриб турибсизлар-ку бу сўқмоқ юқорига олиб бормаяпти, балки тоғ ён бағри бўйлаб кетяпти. Балки юқорига олиб борадиган тўғри йўл бордир, туманда кўрмай қолган бўлишимиз мумкин». Ҳамроҳлари: «Нима бўлганда ҳам, Ранжнинг гапига қулоқ солма», деб битта жавоб бердилар. Бирдан Аччиқнинг овози эшитилиб қолди: «Вой-Қўрқаман, ҳеч бўлмаганда, орқангга қайтиб текшириб кўрарсан? Умуман, бошқа томонга олиб борадиган сўқмоқ йўлдан кўр-қўрона юргандан кўра шундай қилсанг тўғри бўлмайдими?» Қайғу билан Азоб Аччиқнинг гапига асло эътибор бермадилар. Аммо, бахтга қарши, Вой-Қўрқаман унинг гапларини эшитиб борарди. Шунинг учун баттар жаҳли чиқиб деди: «Менимча, сизлар бу таклифга рози бўлишингиз керак. Балки орқамизга қайтиб, тўғри йўлдан келдикми ё йўқми — текшириб кўрсак яхши бўлар. Ростдан ҳам, бир жойда айланиб юрганимиздан ҳеч қандай маъни йўқ-қу!» Ҳамроҳлар Вой-Қўрқаманга шундай жавоб бердилар: «Агар биз адашиб айланиб юрган бўлсак, юриб-юриб йўлга чиққан жойимизга келамиз, агар диққат қилсак, ўтказиб юборган сўқмоғимизни ҳам кўрамиз. Агар бу йўлни Аччиқ ўйлаб топмаган бўлса, биз ўша йўлни албатта кўрамиз». «Вой бечора, — туман орасидан Афсуснинг паст овози эшитилди. — Аттанг, сени шундай аёлларнинг қўлига топшириб қўйишганига жуда ачиняпман. Ўзинг ўйлаб кўр, қанча вақтингни бекорга сарф қиляпсан, юраверасан, юраверасан, чарчаб вақтингни бекорга ўтказяпсан. Сен аллақачон Чўққиларга етиб олишинг керак эди». Душманлар шу тариқа туман орасидан Вой-Қўрқаманнинг юрагига ғулғула солавердилар. Албатта, Вой-Қўрқаман уларнинг гапларига қулоқ солмаслиги керак эди. Аммо йўл зерикарли, атрофни туман босиб, кўнгилда умидсизлик пайдо қилган, шунинг учун ўз ихтиёрига қарши равишда душманларнинг гапларини эшитишга мажбур эди. Азоб ҳеч нарсага қарамасдан бу кичик гуруҳни олдинга бошлар, Қайғу эса энг орқада борар, шунинг учун орқага қайтишнинг иложи йўқ эди. Вой-Қўрқаман олдингидан баттар оқсоқланар, сирпаниб кетар, қоқилиб-туртиниб борарди. Шу сабабдан Вой-Қўрқаман жуда ўжар бўлиб қолди, у билан гаплашиш қийин эди. Аммо ҳар сафар туртиниб йиқилганда, виждони қийналар, ҳамроҳларидан: «Мени кечиринглар», деб илтимос қилиб ялиниб-ёлворарди, бир зумдан сўнг эса яна сирпаниб кетарди. Мана шу пайтлар унинг энг бахтсиз онлари эди. Зулмат йўқолиш ўрнига яна ҳам қуюқлашиб, рутубатли бир ҳолат пайдо қилар, олдингидан баттар қоронғу бўлган эди. Охири, бир куни Вой-Қўрқаман сўқмоқдан эмаклаб бораётиб (унинг ҳолатига бундан бошқа сўз йўқ эди), лой, ҳўл уст бошига қараб, қўшиқ айтишга аҳд қилди. Биз ҳали бир нарса тўғрисида айтмаган эдик: Вой-Қўрқаманнинг юзи хунук бўлганидай, овози ҳам ундан яхши эмас эди. У қўшиқ айтишни севарди, Чўпон қўшиқ айтаётганда, унга жўр бўларди ва ёмон чиқмасди. Аммо бир ўзи қўшиқ айтганда, оқибати қайғули бўларди. Туман қалин, ёпишқоқ бўлганидан, Вой-Қўрқаман нафас олишга қийналарди. Шунинг учун ўзини ўзи хурсанд қилмоқчи, уни таъқиб қилаётган овозлардан халос бўлишга аҳд қилди. Вой-Қўрқаманнинг овози оҳангдор бўлмагани учун қариндошлари кулишар ва бундан эса у азият чекарди. Аммо у душманларини бемаъни гапларни айтишга мажбур қилмоқчи бўлди. «Агар баланд овозда қўшиқ айтсам, — деди у ўзига ўзи, — уларнинг овозларини эшитмайман». Унинг ёдига келган ягона қўшиқ — қачонлардир Қайғу ўргатган қўшиқ бўлди. Албатта, бу қўшиқ ҳозирги вазиятга унчалик мос келмаса ҳам, Вой-Қўрқаман титраб турган овозини кўтариб, куйлай бошлади: Эй шоҳ қизи! Оёқларинг сенинг Бунчалар гўзал, ажойиб! Гулдираб югураётган сувлардан Чаққонроқдир оёқларинг! Бу тоғларда бирон кийик, Ёки оҳу йўқки, сенинг ортингдан Чарчамасдан югура олсин! У қўшиқ айтаётганда атроф сукунатга чўмди. Душманларининг масхаралаётган овозлари ҳам ўчди. «Қандай яхши бўлди-я, — деди ўзига ўзи Вой-Қўрқаман. — Душманларимнинг овозини эшитмай деб, қулоқларимга пахта тиқиб олганимдан кўра, олдинроқ қўшиқ айтсам бўларкан». Ишончим комилки, олдинда кичкина бўлса ҳам шуъла бор. Қандай ажойиб! Бу қўшиқни яна айтаман». У шундай қилди ҳам. «Ҳа, Вой-Қўрқаман, — деган овоз эшитилди шундоққина ёнгинасидан. — Бу қўшиқни олдин Мен эшитмаган эканман. Буни қаердан ўрганиб олдинг?» Юзларида табассум билан катта -катта одим ташлаб Чўпон унинг ёнига келаётган экан. Вой-Қўрқаманнинг қувончини таърифлашга сўз йўқ эди. Чунки унинг ёнига Чўпоннинг Ўзи келаётган эди-да! Атроф узоқ вақт қуюқ, ёпишқоқ туман билан қопланиб турганининг сабаби ҳам Унинг келмаётгани эди. Ҳамроҳлар нимага қўл тегизишмасин, ҳамма нарса совуқ, ёпишқоқ эди. Энди у келгандан сўнг туман тарқаб кетди, ниҳоят булутлар орасидан орзиқиб кутилган қуёш кўринди. «Оҳ Чўпон! — нафасини ростлаб деди Вой-Қўрқаман». Кейин Унинг оёқларига ёпишиб олди-ю бирон сўз айта олмади. Чунки у, энди Чўпонни бошқа кўра олмасам керак, деб ўйлаган эди. «Қани, Менга айт-чи, Вой-Қўрқаман, — деди Чўпон учаловига ҳам жилмайиб. — Сен бу қўшиқни қаердан ўргандинг?» «Қайғу ўргатди, — жавоб берди қиз. — Мен ўйлардимки, у ҳеч қандай қўшиқ билмайди деб. Унинг айтишича, биз юқорига кўтарилаётганимизда қўшиқ сўзлари ва оҳанги ўз-ўзидан унга қуйилиб келибди. Менга ҳам ўргат, деб ундан илтимос қилдим, чунки соддалигимни … ўзим биламан. Бу қўшиқ мени ўйлашга ундайди. Сиз менинг оёқларимни кийик оёқларидай қилмоқчи бўлган эдингиз-ку, худди ўша гапларингизни ёдимга солади, ўшанда мен қоқилмай, йиқилмай юраман». Вой-Қўрқаман уялиб, ўзининг кир, ифлос кўйлагига қараб қўйди. «Сен бу қўшиқни куйлаётганингдан жуда хурсанд-ман, — деди Чўпон ҳар доимгидек меҳрибонлик билан. — Менимча, бу жуда жозибали қўшиқ, чиндан ҳам, — дея жилмайиб қўшимча қилди у. — Мен бу қўшиққа бир банд қўшмоқчиман». Чўпон ўша қўшиқ оҳангида яна бир бандни куйлаб берди: Билакларинг, оёқларинг марвариддай, Уста санъаткор моҳир қўли-ла Қалби жўшиб ясай олгандай. Юз марта кезсанг-да оламни, Тополмассан бундай қоматни. Агар сен Менинг ёнимда бўлсанг, Оппоқ оққушлардай қадам ташлайсан. «О Чўпон! — хитоб қилди Вой-Қўрқаман — Сиз бу бандни қандай топдингиз-а? Қўшиғингиз сўзлари менга Қайғу ўргатган оҳангга жуда мос тушди!» Бечора Вой-Қўрқаман! Унинг ёдига ҳар қадамда қоқилгани, йиқилиб тушгани келиб, юзлари уятдан қизариб кетди. Қиз Чўпоннинг юзига боқиб, ҳеч нарса дея олмади. «Вой-Қўрқаман, — деди Чўпон мамнунлик билан. — Наҳотки шу пайтгача билмаган бўлсанг?! Мен сени ҳозирги ҳолатингда кўрмайман, балки сени Чўққиларга олиб чиққанимдан кейинги ҳолатингда кўраман. Сени Севги Шоҳлигига олиб келганимда, ювиниб, озода кийимларингни кийиб оласан. Мен сени ўша кўринишингда тасаввур қиламан. Мен сенинг ортингда юриб, йўлда қийналаётганингни билганимда, қоқилиб-сурилаётганингни, йиқилганингни, азоб чекаётганингни кўрганимда, булар фақат Чўққиларда Мен билан юрганингни, қувончдан сакраётганингни кўз олдимга келтиради. Сен учун ёзган қўшиғимнинг парчасини ёдлаб олиб, куйлашни хоҳлайсанми?». «Ҳа, — деди миннатдорчилик билан Вой-Қўрқаман яна Унинг қўлидан ушлаб, — албатта ёд оламан! Мен билан бирга азоб тортаётган моҳир устанинг «олтин» қўллари ҳақида куйлайман». Бу пайтда туман кўтарилиб, нам дарахтлар, ўтлар қуёш нурларида қувонч билан ялтирардилар. Чўпон учала йўловчига «Бир оз ўтириб, дам олинглар, қуёш тафтида исиниб олинглар», деб таклиф қилган эди, учови ҳам миннатдорлик билан қабул қилди. Азоб билан Қайғу бир четга ўтиб ўтиришди. Улар ҳар доим, Чўпон билан Вой-Қўрқаман бемалол гаплашиб олишсин, деб шундай қилишарди. Вой-Қўрқаман зулматда юрганларида бошларидан кечирган қайғули воқеаларни — Афсус, Ранж, Аччиқларнинг уни безор қилганларини, йўлдан адашиб қолибмиз, деб ўйлаб қўрққанларини Чўпонга айтиб берди. Шунда Чўпон ундан секингина сўради: «Сен чиндан ҳам, биз йўлдан адашишимизга Чўпон индамай қараб туради, бизга ёрдам бермайди, деб ўйладингми? Вой-Қўрқаман Чўпонга маъюс боқиб, чуқур нафас олиб деди: «Афсус, Ранж, Аччиқ ва бошқалар менга бақириишса, жонимга тегишса, мен ҳар нарсага, ҳатто ишониш мумкин бўлмайдиган аҳмоқона нарсаларга ҳам ишонаман». «Сен қўшиқчи бўлсанг яхшироқ, Вой-Қўрқаман, — деди кулиб Чўпон. — Шунда душманларингнинг гапларини эшитмайсан. Қайғу билан Азобдан сўраб кўр-чи, бошқа қўшиқни билимасмиканлар, агар билсалар, сенга ўргатишсин. Сен қандай ўйлайсан, Вой-Қўрқаман, улар яхши йўл бошловчиларми?». Вой-Қўрқаман Чўпонга жиддий қараб, бошини қимирлатди: «Ҳа, улар жуда яхши йўл бошловчи. Улар шунақа йўлбошловчи чиқади, деб кутмаган эдим. Муҳтарам Чўпон, мен уларни яхши кўриб қолдим. Уларни биринчи марта кўрганимда қўрққан эдим. Улар жуда қаттиққўл бўлсалар керак, деб ичимда ўйлагандим. Улар менга ҳеч ҳам қўполлик қилмадилар. Мен ўйлаган эдимки, улар менинг фикрим билан қизиқмай, мени ўзлари билан билан судраб олиб кетадилар деб. Мен шундан жуда қўрққан эдим! Аслида улар менга жуда марҳамат қилдилар. Улар менга сабр билан, юмшоқ муомала қилишни Сиздан ўргандилар, чунки Сиз менинг ҳамма инжиқликларимга сабр-тоқат қилиб келгансаиз». «Уларсиз мен ҳеч нарсага эриша олмасдим, — давом қилди у миннатдорчилик билан. — Ўйлашимча, чиндан ҳам улар менга ўхшаган майиб-мажруҳ, нотавонларга ёрдам беришни хоҳласалар керак. Жуда ғалати бу. Қайғу билан Азоб ҳақиқатан ҳам мени Чўққиларга олиб боришмоқчи, фақат Сиз уларга топшириқ берганингиз учун эмас, балки ўзлари хоҳлашяпти буни. Мендай қўрқоқ қизнинг у ерда бориб ўзгариб кетишини улар исташяпти. Биласизми, Чўпон, менинг уларга бўлган муносабатим тубдан ўзгариб кетди. Мен энди уларга қўрқув билан эмас, худди менга ёрдам бермоқчи бўлган дўстларимга қарагандай қарайман. Биламан, бу жуда кулгили, аммо баъзан улар мени чиндан яхши кўришларини ҳис қиламан, улар ўз ихтиёрларига кўра мен билан боряптилар, деб ўйлайман». Вой-Қўрқаман гапини тугатиб, Чўпонга қаради. Чўпон кулиб юборишдан Ўзини аранг тутиб турганини Вой-Қўрқаман кўриб, ажабланди. Чўпон бир неча дақиқа жим қолди, кейин унинг ҳамроҳларига қараб, уларга диққат билан назар солди. Вой-Қўрқаман ҳам уларга қаради. Қайғу билан Азоб бир четда ўтирар, ўзларини кузатаётганларини сезмас эдилар. Улар ёпинчиқларини орқага ташлаб, узоқузоқлардаги тоғларга, Чўққиларга қараб ўтирган эдилар Аммо Вой-Қўрқаман барибир уларнинг юзларини кўра олмади. Чунки улар Чўпон билан Вой-Қўрқаманга орқаларини қилиб ўтиришарди. Улар Вой-Қўрқаманнинг кўзига биринчи марта тоғ этакларида кўрганидан кўра кучлироқ, бўйлари баландроқ бўлиб туюлди. Вой-Қўрқаман бундан ажабланди. Шу дақиқаларда Қайғу ва Азобнинг ўтиришларида қандайдир улуғворлик, интилиш бордай туюлди. Икковлари бир-бирлари билан тез-тез гаплашар, аммо овозлари жуда паст, шунинг учун Вой-Қўрқаман уларнинг нима тўғрида гаплашаётганларини ҳеч англай олмади. Шундай бўлиши мумкинми? Албатта, мумкин! Ҳа, улар чиндан ҳам кулишарди! Нимадандир улар хурсанд, нимадир уларни севинишга ундаган — Вой-Қўрқаманнинг бунга ишончи комил эди. Чўпон уларни бир неча дақиқа кузатиб турди, кейин яна Вой-Қўрқаманга ўгирилди. Унинг кўзлари кулиб турарди-ю аммо жиддийлик билан деди: «Ҳа, билишимча, сен ҳақсан. Менимча ҳам, улар ўзлари қилган ишдан ғоят мамнундирлар. Чамамда, улар ҳам сенга боғланиб қолганга ўхшайдилар». У шундай дея овоз чиқариб кулди. Қайғу билан Азоб юзларини ёпиб, нималар бўлаётганини билиш учун атрофга назар ташладилар. Аммо Чўпон уларни йўлга шошилтиришдан олдин нималардир демоқчи бўлди. Чўпон кулишдан тўхтаб, жиддийлик билан деди: «Вой-Қўрқаман, Мени ишонч билан севасанми?» Вой-Қўрқаман ҳайрат билан боқди.. Дарвоқе, Чўпон ҳар доим у учун янги синовлар тайёрлаётганини сезганда, шундай нигоҳ билан боқарди. Сўнг қўрқа-писа гап бошлади, «Биласизки, мен Сизни чиндан ҳам севаман. Менинг шу кичкинагина совуқ юрагим қанчалар севишга қодир бўлса, мен Сизни шунчалар севаман». Агар дунёдаги ҳамма одамлар, У ёлғончи, сени алдаяпти, деб айтсалар ҳам, сен Менга ишонасанми? У сени доимо алдаб келган десалар ҳам-а?» Қиз Чўпоннинг гапларига унчалик тушунмай, ҳайрону лол бўлиб қаради. «Албатта, — деди у, — мен ишонаман ва бунинг уддасидан чиқаман. Мен бир нарсани аниқ биламан — Сиз алдайдиганлар тоифасидан эмассиз. Мени алдашингиз мумкин эмас. Ўзим биламан — айбимни тан оламан. Сиз менга бирон нарсани, қил деганингизда, мен қўрқаман, — дея қўшимча қилди у хижолат чекиб. — Аммо мен Сиздан ҳеч қачон шубхалана олмайман, ўзимдан қўрқаман, аммо сиздан эмас. Агар бутун олам Сизни ёлғончи деса ҳам, мен бундай бўлмаслигини биламан!» «Эҳ Чўпоним! — дея илтижо қилди Вой-Қўрқаман. — Сиз чиндан ҳам, Вой-Қўрқаман Мендан шубҳаланади, деб ўйлайсизми? Ҳатто мен ҳар доимгидан қўрқоқ, нимжон бўлсам ҳам, Ўзингиз биласиз… Ўзингиз биласизки, мен Сизга ишонаман. Йўл охирлаганда албатта, Сизнинг марҳаматингиз мени юксакларга кўтарди, дея айта оламан». Чўпон бир муддат жим бўлиб қолди. У қизга ҳам меҳрибонлик, ҳам раҳмдиллик билан қараб турарди. Вой-Қўрқаман эса Унинг оёқларига тиз чўккан эди. Бир оздан кейин Чўпон айтди: «Вой-Қўрқаман, агар Мен сени чиндан ҳам алдаган бўлсам-чи? Унда нима бўлади?» Энди Вой-Қўрқаман жим бўлиб қолди. У Чўпоннинг сўзлари маъносига етишга ҳаракат қилди. Бу кутилмаган гап бўлди. Вой-Қўрқаман нима деб жавоб қайтаришни ўйлаб турарди. Ҳақиқатан ҳам бу рост бўлса-чи? Балки у Чўпонга ҳеч қачон ишонмас? Ҳеч қачон Уни севмас? Балки Чўпон бўлмаган оламда яшар? Балки сароб бўлган орзулари билан бир ўзи ёлғиз қолар? Энг ишонган одаминг алдаса, алдамчилик унга мутлақо ёт, деган одаминг сени ҳайрон қолдирса-я? Уни йўқотиб қўйсанг-а? Вой-Қўрқаман бирдан йиғлаб юборди, бир оздан кейин Чўпоннинг юзларига қараб, деди: «Раббим! Агар мени алдай олсангиз — марҳамат. Бу ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Мен тирик эканман, Сизни доимо севишим лозим. Мен Сизнинг севгингизсиз яшай олмайман!» Чўпон қўлларини қизнинг бошига қўйди ва ҳар доимгидан ҳам меҳрибонлик билан ўзига ўзи гапирди: «Агар мен уни алдай олсам, Менга алдаш учун ижозат берилган-ку!» Шундан сўнг Чўпон бирон сўз демасдан, кетди. Вой-Қўрқаман турган жойидан кичкина совуқ тошни олди-да, халтасига солди. Кейин совуқдан титраб, Қайғу билан Азобнинг ёнига келди. Шундан сўнг учовлари йўлда давом этдилар. 13-боб. Йўқотишлар водийсида Тоғларда туман тарқаб, қуёш нур соча бошлади. Йўл ҳамон қаҳрамонларимизга ёқимсиз, машаққатли туюларди. Сўқмоқ ҳамон уларни чўққига томон эмас, тоғ этаклари бўйлаб олиб борарди. Аммо кунларнинг бирида сўқмоқнинг қайрилишида уларнинг кўзлари олдида кенг водий намоён бўлди. Сўқмоқ йўловчиларимизни ҳайратда қолдириб, худди тоғдан водийга шўнғиётгандай бўлди. Вой-Қўрқаман Мисрга борганда, саёҳатнинг бошланишида ҳам шундай бўлган эди. Учала аёл ҳам баравар тўхтаб, бир-бирларига савол назари билан қарашди. Сўнг водийга, ундан ҳам нарига — водийнинг энг четларига тикилиб қолдилар. Бу қиялик Жароҳат қояси каби тик эди. Бу водийга тушиб, яна кўтарилиш анча машаққатли, оғир бўлиши билан бирга, кўп куч ва вақт талаб қилишини улар билишарди. Вой-Қўрқаман бу манзарага тикилиб турар экан, саёҳати давомида бошидан кечирган синовларнинг энг қийини, энг шафқатсизи олдида тургандай бўлди. Наҳотки у яна йўлидан адашса?! Яна шундай даҳшатли вазиятда-я?! Бу пайтга келиб улар олдингига қараганда юқорироқ кўтарилган эдилар. Ҳақиқатан, улар кетаётган сўқмоқ юқорига томон кўтарилиб борганда эди, улар, албатта, қорли чўққиларга — шифобахш сувлар оқаётган ирмоқларга етиб келган бўлардилар. У ерда буларга биронта душман зарар етказа олмасди. Энди эса сўқмоқ уларни Чўққилардан узоқлаштириб, худди Хўрлик водийсига ўхшаш чуқур бир водийга бошлаб борарди. Энди улар қанчалар машаққатлар билан чиққан тепаликларидан пастликка тушишлари керак. Гўё улар юқорига чиқмагандай, шунча машаққат, оғирликни бошдан кечирмагандай, ҳаммасини яна бошдан бошлашлари лозим. Вой-Қўрқаман пастга — водийга қараган эди, юраги орқага тортиб кетгандай бўлди. Саёҳатни бошлаганларидан буён биринчи марта у ўзидан ўзи сўради: «Қариндошларим ҳақ эмасмиканлар? Балки Чўпонга эргашиб кетмаслигим керакмиди? Менинг қўлимдан келмайдиган нарсаларни талаб қиладиган, бор-йўғимни тортиб олган одамнинг ортидан бориш мумкинми, ахир?!» Вой-Қўрқаманнинг чўққиларга чиққани тўғрисида гапирсак, агар у пастга тушса, саёҳати давомида эришган барча нарсалардан маҳрум бўлиши турган гап. Вой-Қўрқаман Хўрлик водийсида Чўққилардан қанчалик узоқ бўлса, пастда ҳам улардан шунчалик узоқ бўлади. У бир дақиқагина, имконият борида орқага қайтсаму Чўпоннинг кетидан бошқа эргашмасам, деб ўйлади. Энди йўлни давом эттирмаса ҳам бўлади. Уни ҳеч ким мажбур қила олмайди. Мана бу йўл бошловчилар билан, мана бу ғалати сўқмоқларни босиб ўтишига Чўпоннинг хоҳиши сабаб бўлди-ку! Асли у юрмоқчи бўлган йўл бу эмас эди. Энди эса у ўз йўлини танлай олади. Агар шундай қилса, азобларига чек қўйилар, ўз ҳаётига ўзи хўжайин бўлиб, Чўпонга муте бўлиб қолмасди. Ана шу қўрқинчли бир неча дақиқа давомида унинг кўз олдидан Чўпоннинг аралашувисиз давом этадиган ҳаётини кўз олдига келтирди. У Чўпонни севади, Унга ишонади! Чўпонсиз ҳаёт Вой-Қўрқаман учун даҳшат! У худди дўзахга назар ташлагандай бўлди. Вой-Қўрқаман бир сесканди-ю чинқириб юборди «Чўпон! Чўпон! Менга ёрдам беринг! — деб чақира бошлади. — Ёрдам беринг! Қаердасиз? Мени ташлаб кетманг!» Охирги дақиқада қараса, у Чўпоннинг қўлларидан ушлаб турган экан! Бутун вужуди титраётган Вой-Қўрқаман ҳўнграб йиғлаб юборди: «Нимани хоҳласангиз, шуни қилинг, муҳтарам Чўпон! Фақат мени ортимга қайтишим учун имкон берманг! О Раббим! Мени Ўзингиздан айирманг! Ёнингиздан кетишимга ижозат берманг! Шундай қилингки, мен доимо Сизга эргашиб юрай, доимо сиз билан бирга бўлай!» Вой-Қўрқаман Чўпоннинг қўлини қўйиб юбормасдан ҳамон йиғлар экан, шундай деди: «Агар менга ёлғон гапирган бўлсангиз, менга берган ваъдаларингиздан қайтсангиз, марҳамат, мен барчасига розиман. Чин сўзим, фақат мени ортимга қайтишим учун имкон бермасангиз бўлди. Бу йўл менга жуда ғалати туюлган эди. Шунинг учун ҳам бу йўл энг тўғри ва ҳаққоний йўл эканлигига менда шубҳа туғилган эди». Вой-Қўрқаман шундай деди-ю янада қаттиқроқ йиғлаб юборди. Чўпон унга тасалли бериб, ёноқларидаги кўз ёшларини қўллари билан артиб қўйди. Кейин шодиёна ва гулдурос овозда деди: «Сенинг ортга қайтишинг тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, Вой-Қўрқаман. Сени ҳеч ким Менинг қўлимдан тортиб ололмайди, ҳаттоки ўзингнинг титраётган қалбинг ҳам. Олдин сенга айтганларимни ёдингдан чиқардингми? Бу ҳаяллаш ўлимга эмас, Худони шарафлашга олиб келади. Энди ёд олган сабоғингни унутмайсан-а, тўғрими?» Мана бу гап ҳам жуда тўғри айтилган: «Мен нима қилаётганимни ҳозир сен билмайсан, аммо кейин тушуниб етасан». Менинг қўйларим овозимни эшитиб, ортимдан юрадилар. Сен бораётган йўл ғалати туюлса ҳам, у сен учун мутлақо хавфсиздир. Энди эса Мен сенга яна ваъда бераман: «Сенинг қулоқларинг ортингдан келаётган мана бу каломни эшитади: мана йўл. Мана шу йўлдан юринглар!» Агар сен бу йўлдан ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмоқчи бўлсанг…» Чўпон бир дақиқа жим бўлиб қолди. Вой-Қўрқаман ҳамон Чўпонга ёпишиб турарди. У миннатдор бўлганидан, Чўпон ёнида бўлиб қувонганидан ҳатто тили калимага келмай қолган эди! Чўпон гапида давом этди: «Сен буни кўтара олармикансан, Вой-Қўрқаман? Топганларингни Чўққилар йўлида йўқотишга тайёрмисан? Бу йўлни Мен танлаганим учунгига Кечириш сўқмоғидан Йўқотиш водийсига тушасанми? Бундан кейин ҳам Мени севаверасанми? Менга ишонасанми?» Вой-Қўрқаман ҳамон Унинг қўлларидан тутган ҳолда турар, ўзидан олдин шу синовларни бошидан кечирган бир аёлнинг гапларини такрорларди: «Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг. Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман, сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам ўша ерда бўламан. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман» (Рут 1:16). Вой-Қўрқаман бир дақиқа тухтаб, пичирлаб гапини давом эттирди: «Сиз қаерда оламдан ўтсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади» (Рут 1:17). Шундай қилиб, яна битта қурбонлик келтирадиган жой барпо бўлди. Бу жой Йўқотиш водийсига тушадиган жойда эди. Унинг халтасидаги тошлар ёнига яна битта тош қўшилди. Кейин ҳаммалари биргаликда пастга қараб кетишди. Йўлда давом этар эканлар, Вой-Қўрқаманнинг ҳамроҳлари секин хиргойи қила бошладилар: Севгилинг қаерга кетмоқда Аёллар ичида энг гўзали? Эҳтимол, тўғрига, ёки қайрилар, Уни биргаликда қидирайлик, кел! Қўшиқнинг кейинги бандини Чўпоннинг Ўзи давом эттирди: Ана, Севгилим ўз боғига кетди, У ерда гулларнинг ширин ифори, У ерда нилуфар гуллар, подалар, Биз у ердан уни топамиз дарров. Охирги икки бандни эса Вой-Қўрқаманнинг ўзи куйлади. Унинг қалби шунчалар қувончга тўлган эдики, ҳатто унчалик мусиқага тушмайдиган овози ҳам ўзгариб, хушоҳанг янграй бошлади: Мен ҳам унинг изидан кетдим, Гуллар, мевалар водийсига. Гулга бурканган анор гулларига Тоғлар хуш бўйини излаш учун.Тўсатдан юрагим қувончга тўлди, Ва мен интилдим олдинга, Қалбим қушлардай учишга шайдир, Чунки тоғлар мени кутмоқда. Йўл қанчалик тик бўлмасин, водийга тушиш унча қийин бўлмади. Балки бунинг сабаби — Вой-Қўрқаманнинг бор кучи билан Чўпоннинг айтганларини бажо келтириб, Уни хурсанд қилишга ҳаракат этганидир. Қизнинг кўз олдида намоён бўлган даҳшатли манзара уни шунчалик қўрқитиб юборган эдики, у энди ҳеч қачон олдинги Вой-Қўрқаман бўла олмаслигини тан олди. Энди у ҳиссиётларини англаб ета бошлаган эди. Ростини айтганда, Вой-Қўрқаман Чўпон берган ваъдаларнинг амалга ошишини эмас, балки Унинг Ўзини чин дилдан хоҳлар эди. Вой-Қўрқаманнинг энг буюк орзуси — Чўпоннинг изидан бориш ва Ундан асло ажралмаслик эди. Бошқа хоҳиш-истаклар уни ортиқча ҳаяжонлантириши мумкин эди. Энди Чўпондан бошқа малҳам йўқлигини у юрагининг туб-тубидан ҳис қиларди. «Ростини айтганда, энг муҳими — Уни севиш, Унинг айтганларини ижро этишдир. Бошқа ҳамма нарсалар аҳамиятсиз. Нега шундайлигини ўзим билмайман. Аммо бу ҳақиқат. Доимо севмоқ — бу азобдир. Севги бу қайғудир. Аммо Уни севмоқ — ҳамма нарсадан ҳам гўзалдир. Агар Унга нисбатан севгим йўқолса, ўламан!» Шу тариқа улар водийга тезда етиб келишди. Дастлаб водий йўловчиларда маъюс, ғамгин таассурот қолдирган бўлса, аслида жуда гўзал осуда жой экан. Вой-Қўрқаман учун бу ажойиб янгилик бўлди. Водий ям-яшил, далалар гулларга бурканган эди. Водий бўйлаб оқиб ўтадиган дарё қирғоқларида ҳам гуллар чаман бўлиб очилиб ётарди. Пастда — Йўқотиш водийсида Вой-Қўрқаман ўзини бошқа жойдагига қараганда анча тетик, хотиржам, осойишта ҳис қила бошлади. Бу аллақандай ажабтовур туюларди, Вой-Қўрқаманнинг йўл бошловчилари ҳам ўзгариб қолдилар. Улар ҳамон Вой-Қўрқаманни қўлидан ушлаб борар, аммо уларнинг қўллари энди қизга азоб бермас эди. Улар Вой-Қўрқаманнинг ёнида худди дугоналардай, қўшиқ айтиб борардилар. Баъзан қўшиқ сўзлари Вой-Қўрқаманга улар ўргатган тилдан фарқ қиларди. Вой-Қўрқаман, қўшиқ сўзларини таржима қилиб беролмайсизларми, деб сўраганда, улар кулиб, бошларини қимирлатиб қўйишарди. Қуйидаги қўшиқ Йўқотиш водийсида учала йўловчи куйлаган қўшиқлардан бири. Бу қўшиқ ҳам Вой-Қўрқаман севадиган Эски қўшиқлар китобидан олинган эди: Сен Менинг севгилимсан, Мени севасан, Шудир сенинг орзуинг. Менинг кўзларимда акс этсин, Сенинг табаррук чиройинг. Менинг орзуим амалга ошсин, Қутлуғ оловинг ила мени поклагин.Севгилим, далаларга бирга борайлик, Йиғим-терим бизни кутмоқда, Қайта яралган боғда бошлаймиз Ортиқча шохларни кесишни. Иродангни, усталигингни кўрсат, Бу боғ мевалари мўл ҳосил бергай.Хушбўй қизлардан баҳраманд бўлайлик, Кўчат яна куртак чиқарар, Дарахтлар ажойиб кийимда Туришар саломга эгилиб. Севганимдан мен аямасман, Асалдай мевалардан тутарман. Чиндан ҳам, Вой-Қўрқаман тоғларга бошқа томондан қараганда унинг қалбини қачонлардир «Шу Чўққига чиқа олармиканмиз», деган шубҳа тарк этмасди. Энди эса бу шубҳалардан тамомила холи бўлиб, хотиржам бўлиб водийда сайр қилар, Чўпоннинг янги топшириқларини кутар эди. Бир нарса унинг юрагига таскин берарди: тоғларда юрганда, у тез-тез қоқилиб йиқилар, оёқларидаги яра оғриқ бериб оқсоқланарди. Водийдаги ям-яшил далаларда эса у бемалол қоқилмасдан, сурилмасдан, оқсамай юраверарди. Буларнинг ҳаммаси Вой-Қўрқаманга ғалати туюларди. Чунки у ростдан ҳам Йўқотишлар водийсида эди-да. Албатта: у бу ердагидай Чўққилардан узоқда бўлмаган эди. Бир куни у бу тўғрида Чўпондан сўради. Дарвоқе, энг қизиғи шу эдики, энди Чўпон улар билан тез-тез сайр қилар, «Бу жойлар Менинг энг яхши кўрган жойим», деб тез-тез мамнуният билан такрорларди. Чўпон Вой-Қўрқаманнинг саволига шундай дея жавоб берди: «Сен бу водийни қадрлай бошлаганингдан жуда мамнунман, Вой-Қўрқаман. Бунинг сабаби эса юқорида қурбонлик келтирганингдир». Аммо Чўпоннинг бу жавоби уни ўйлантириб қўйди: «Мен саёҳат давомида шуни кузатдимки, қурбонликлардан кейин йўл доимо машаққатлироқ, синовлар олдингига қараганда кўпроқ бўлади». Чўпон яна мамнуният билан оҳиста деди: «Қурбонлик, энг муҳими, рўёбга чиқмайдиган ишни амалга оширади. Қурбонлик сенга хотиржамлик олиб келар экан, бу яхши». Вой-Қўрқаман шуни сездики, Чўпон гапираётганда унга тикилиб, ғалати қараркан. Аммо Чўпоннинг нигоҳида ажойиб меҳрибонлик билан бир қаторда, аллақандай ғалати бир нарса ҳам бор эдики, барибир қиз буни пайқай олмади. «Ўша „нимадир“ икки нарсадан иборат», деб ўйлади қиз. Биринчиси — ҳамдардлик, буни ҳамдардлик деб ҳам бўлмас, балки бениҳоя раҳмдиллик ва иккинчиси — қатъий қарор эди. Ниҳоят, қиз буни англаб етди ва у ҳали Хўрланиш водийсида юрганида — Чўпон ҳали уни Чўққиларга даъват қилмаган пайтда, Чўпоннинг хизматкорларидан бири айтган сўзларни эслади. Ўша хизматкор айтган эди: «Севги гўзалдир, аммо у айни пайтда қўрқинчлидир. Қўрқинчлилиги шундаки, ўз севгилисида асло ярашмайдиган ножўя қилиқ қолдирмасликка қилинган қарордир». Вой-Қўрқаман бу тўғрида эслади-ю вужудида енгил титроқ турди. «Мен Чўпоннинг кўнглидагидай бўлмас эканман, У ором билмайди», деб ўйлади Вой-Қўрқаман. Чунки у ҳамон Вой-Қўрқаман, у ҳамон ўз исмини ўзгартиришга тайёр эмас, шу боис Вой-Қўрқаман ўзича қўшиб қўйди: «Қизиқ, У яна нимани адо этишимни амр қилар экан, бу оғриқсиз ўтармикан». 14-боб. Имон келтириш жойи Чўпоннинг кейинги ўйлаганлари чиндан ҳам ажойиб эди. Шундан кейин кўп ўтмай сўқмоқ у ёқ-бу ёққа сурилмасдан, водийнинг қарши томонидаги тоғ этакларига қараб олиб кетди. Бу ерда тоғлар ён бағри Жароҳат қоясига қараганда тик ва баланд экан. Вой-Қўрқаман ҳамроҳлари билан бу ерга етиб келганда, кичик кулбача ёнида Чўпоннинг Ўзи уларни кутиб турарди. Бирдан улар ажойиб бир мўъжизани кўриб қолсалар бўладими! Қояларнинг энг баланд, қоқ тик жойида улар арқон йўлни кўриб қолдилар. Арқон улар турган жойдан чўққининг энг учигача тортилган эди. Пўлат симга икки кишига мўлжалланган ўриндиқлар жойлаштирилган экан. Ўриндиқларга ўтириб, ҳеч қандай қийинчиликсиз тоғ чўққисига осонгина чиқиб олиш мумкин эди. Тўғри, дастлаб Вой-Қўрқаман бу фазовий ўриндиқларга биринчи марта қарагандаёқ, буларнинг ердан жуда тепада сузишини кўрдию боши айланиб, ваҳимага тушди. У:«Бу қўрқинчли жарлик устидан секин ўтиб бораётган ўриндиқларга ҳеч қачон ўз ҳоҳишим билан ўтирмайман», деб ўйлади. Агар йиқилгудай бўлса, кичкина оёқ қўядиган тахтача уни ушлаб қолиши мумкин эди. Чўпон Вой-Қўрқаманга кулиб гапиргандан кейин, қўрқув ва ваҳима дарров йўқолди: «Юр, Вой-Қўрқаман, биз иккаламиз олдинги ўриндиқларга ўтирамиз, қайғу билан Азоб эса орқадаги ўриндиқларга ўтиришади. Сен фақат ўриндиққа ишонишинг керак. Шунда ўриндиқ сени юқорига — Мен сени юбормоқчи бўлган жойга ҳеч қандай хавфхатарсиз элтиб қўяди. Сен ҳеч қандай куч сарф қилишинг керак бўлмайди». Вой-Қўрқаман келиб ўриндиқларнинг бирига ўтирди, Чўпон ҳам унинг ёнидан жой олди. Қизнинг ҳамроҳлари орқадаги иккита ўриндиқни эгаллашди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас улар илгари қўл етмас бўлиб туюлган Чўққи томон оҳиста, равон сузиб кетишди. Йўловчилар табиат гўзаллигини томоша қилиб кетишарди. Баъзан ўтирғичлар сал-пал силкинар, аммо ҳеч кимнинг боши айланмасди. Улар шунчалик юқорига кўтарилиб бордиларки, ер худди ям-яшил гиламчага ўхшаб кўринарди. Атрофда эса Севги Шоҳлигининг ялтироқ, оппоқ чўққилари минораларга ўхшаб виқор билан туришарди. Тез орада улар тоғнинг бошқа томонидан кўтарилиб, олдин келган жойларидан анча юқорилаб кетишди. Улар барибир, юқорига интилавердилар. Йўловчилар арқон йўлнинг охирига етиб келиб, ўриндиқлардан турдилар. Улар етиб келган жой Вой-Қўрқаман кўрган жойлардан анча чиройли эди. Бу жойлар ҳали Чўққилар бўлмаса-да, аммо улар Чўққиларга яқинлашиб қолган эдилар. Атрофда ажойиб ўтлоқлар ястаниб ётибди, гуллар қийғос очилган. Шарқираб оқаётган дарёчаларнинг бўйларида турли-туман гуллар — айиқтовонлар, номозшомгуллар, қўнғироқгуллар, қирмизи наврўзгуллар кўзни қувонтиради. Турфа ёввойи гуллар оролчага ўхшаб гуллаб ётибди. Ялтироқ тошларга ўхшаган гажак ўтлар оловга ўхшаб нур сочади. Улар худди шоҳлар ридосига қадалган қимматбаҳо тошларга ўхшайди. Олисда қорли чўққилар худди миноралар каби юксалиб турибди. Улар мусаффо осмондаги феруза, сафсар тошлардан ясалган томчиларга ўхшаб кетарди. Қуёш шундай чарақлаб нур сочиб турардики, гўё гуллар ердан ўсиб чиқиб, қуёш нурларини қабул қилаётганлари яққол кўриниб тургандай бўларди. Ҳар тарафдан сигирлар ва эчкиларнинг бўйинларидаги қўнғироқчалар овози эшитилиб турарди. Атроф сайроқи қушларнинг овозлари билан тўла. Аммо бу барча овозлар ва гўзалликлар узра битта қудратли овоз жаранглаб турар ва бутун теварак-атрофни қамраб олганга ўхшарди. Бу — улкан қоядан шовуллаб оқаётган азим шаршаранинг овози эди. Унинг куч билан тушаётган суви буюк Чўққилардан бошланарди. Бу манзара шунчалар гўзал эдики, тасвирлашга сўз йўқ, Вой-Қўрқаман билан ҳамроҳлари бир оғиз сўз айтишга ожиз. Улар қайрағочларнинг муаттар ҳидлари таралган тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдилар. Йўловчилар олдинга босар эканлар, гоҳ нафис гулни ҳидлашар, гоҳ гоҳ қўлларини жилға сувида ювишарди. Баъзан табиатнинг буюк, тасвирлаб бўлмайдиган гўзаллигига маҳлиё бўлиб, қувончдан шодон қийқиришарди. Чўпон уларни муаттар ҳид таратиб турган ўтлоқлар оралаб азим шаршарага бошлаб бораётган эди. Йўловчилар қоя этагига етиб келдилар. Улар юзларига шабнам каби урилаётган енгил сув томчиларини сезиб туришарди. Улар соя жойга ўтдилар. Чўпон уларга: «Тўхтанг-лар, юқорига қаранглар!» деб буюрди. Вой-Қўрқаман, у улкан қоя тагида кичкинагина бўлиб кўринарди — бошини орқага ташлаб, юқорига — Чўққилардан пастга шовқин солиб интилаётган сувга қаради. У умри бино бўлиб бундай ақлни лол қолдирадиган ажойиб манзарани кўрмаган эди. Сув оқиб тушаётган қоянинг баландлиги унинг юрагида ваҳима қўзғатди. Шаршара этагида момақалдироқ товушига ўхшаш сувнинг гувиллаган товуши одамни кар қилиб қўяй дерди. Аммо шаршара одамни ваҳимага соладиган буюк бир жозибага эга эди — у тасвирлаб бўлмайдиган даражада гўзал эди. Вой-Қўрқаман ўша ерда туриб шаршаранинг овозига қулоқ солиб турар экан, улуғвор бир уйғунликдаги оркестр овозини эшитаётгандай бўлди. У анча узоқдаги — Хўрлик водийсидаги барча жилғалар куйлаган қўшиқларнинг илк оҳангини куйларди. Энди бу қўшиқни минглаб овозлар жўр бўлган ҳолда ажойиб бир мувофиқлик билан куйлардики, бундай оҳангни водийда ҳеч ким эшитмаган эди. Бу ўша қўшиқ эди: Юқоридан бир сакраб учамиз, Шовқин солиб, водийга шошамиз. Доимо пастликларга югурамиз, Пастда бўлишни ҳар доим хоҳлаймиз. «Вой-Қўрқаман! — шундоққина қизнинг ёнида Чўпоннинг овози эшитилди. — Мана шу азим сувларнинг пастга интилишини, уларнинг ўзлигини унутиб, ўзларини ўзлари қурбон қилишларини нима деб ўйлайсан? «Ўйлашимча, бу ҳам гўзал, ҳам қўрқинчли, — деб жавоб берди у бир оз титраб, — мен умримда бундай нарсани кўрмаганман». «Нега қўрқинчли?» — сўради Чўпон. «Ана шундай баландликдан сакраганлари учун. Бу баландлик жуда ваҳимали-ку! Сув ана шу баландликдан пастга отилиб, тошларга тегиб, парча-парча бўлиб кетади. Бундай ҳолатга мен қараб тура олмайман». «Яхшироқ қара! — яна гап бошлади Чўпон. — Кўзларинг билан бир томчи сувнинг пастдан юқорига — то тошлар устига тушишига бўлган йўлни кузат-чи». Вой-Қўрқаман Чўпон айтгандай қилди-ю ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Қоя четидан ажралиб чиққан сув томчилари шодликдан қанот чиқарган тирик мавжудотларга ўхшаб қолардилар. Улар ўзларини қурбон қилаётганларидан ғоят мамнун бўлаётгандай бўлардилар. Вой-Қўрқаман сув томчиларининг бу парвозини худди капалак қанотларида қўшиқ айтиб пастга тушаётган фаришталарга ўхшатди. Вой-Қўрқаман бу манзарага қараб тўймасди. Бир оздан кейин у айтди: «Бу қилаётган ишларини улар жуда ажойиб деб ўйлайдилар, шекилли. Гўё қоядан пастга инганларида, улар тасвирлаб бўлмайдиган даражада қувонадилар, севинадилар». «Тўғри! — деди Чўпон, Унинг овозида ҳаяжон бор эди. — Сен буни сезибсан, Мен жуда хурсандман. Бу — Севги Шоҳлиги Чўққиларидан оқиб тушаётган Севги шаршарасидир. Сен улар билан ҳали яна учрашасан. Қани, айт-чи, сувлар тошлар устига тушиб, парча-парча бўлганларидан кейин, хурсандчиликлари барҳам топадими?» Вой-Қўрқаман яна Чўпон кўрсатган томонга қаради. Сув оқими қанчалик пастга тушса, шунчалар енгил, худди қанот бойлаб учаётгандай бўлиб кўринишини англади. Томчилар пастга — тошлар устига тушгандан кейин, тошлар орасидан ҳаммаси битта тезоқар оқим ҳосил қилиб, ғолибона оқиб кетаверардилар. Сув мамнун бўлганидан пастликка ва яна пастликка интилар, ўз-ўзини қурбон қилиш учун энг юқори нуқта томон йўл оларди. Кейин яна пастга — узоқ водийга қараб югурарди. Тошлар унга ҳалақит бера олмасдилар. Уларнинг йўлида пайдо бўлган ҳар бир тўсиқ худди уни енгиб ўтиш ёки айланиб ўтиш учун имкон берганга ўхшарди. Ҳар томондан сувнинг тантанавор қаҳқаҳаси эшитилиб турарди. «Ростдан ҳам бу сакраш ваҳимали, — деди Чўпон. — Аммо кўриб турганингдай, сувнинг ўзи бу ҳолатни қўрқинчли демаяпти, у иккиланмаяпти, чекинмаяпти, балки хурсанд бўлиб қўшиқ куйлаяпти. Чунки бу ҳаракат у учун табиийдир. Ўзини бағишлаш — унинг ҳаётидир. Унинг биттагина хоҳиши бор — ўзини тамомила бағишлаб, тамомила пастга ва доимо пастга оқишдир. Кўряпсанми, у бундай ажойиб интилишга итоат этганда, даҳшатли бўлиб туюлган тўсиқлар ҳам беозор, хавфсиз бўлиб қоладилар ва янада кўпроқ қувонч олиб келадилар». Чўпон шу гапларни айтгандан кейин, Вой-Қўрқаман билан унинг ҳамроҳларини қуёш нурига чўмган далаларга олиб борди ва уларга деди: «Шу ерда бир неча кун яхшилаб дам олинглар, саёҳатнинг охирги қисмига яхшилаб тайёргарлик кўринглар». «Саёҳатнинг охирги қисми» деган сўзларни эшитиб Вой-Қўрқаман бахтиёрликдан ўзини йўқотиб қўяй деди. Бунинг устига, бир неча кундан бери Чўпон ҳам улар билан бирга, бир нафас бўлса ҳам улардан ажралмаган эди-да. Улар Севги Шоҳлигига бораётганлари учун, Чўпон уларга Севги Шоҳлиги тўғрисида кўп ҳикоя қилиб берди. Унинг оғзидан марҳамату илтифотлар ёғилар, У қаерга бормасин, ўша ерда ширин, муаттар ҳидлар таралар эди. Вой-Қўрқаман жон жон деб бир умрга шу ерда қолишга рози эди. Агар қийшиқ оғзи, чўлоқ оёқлари ва қўрқоқ юраги бўлмасайди, У Чўққилар тўғрисида ўйламас ҳам эди. Аммо қуёш ҳар доим ҳам нур сочмас эди. Ҳатто шу ерда — Чўққилар чегараларида ҳам чўққиларни туман ўраб олганда, булутли зимистон кунлар бўлиб турарди. Агар бизнинг йўловчиларимиз буни олдинроқ кўрмаганларида эди, улар шу тоғ чўққиларининг борлигига, уларнинг шу яқинда — булутлар ва туман ортида эканлигига ишонч билан кафолат бера олмасдилар. Аммо вақти-вақти билан туман орасидан ёруғлик ҳам пайдо бўлиб қоларди. Шунда худди ойнадай кўзни қамаштирувчи оппоқ чўққилар кўриниб қоларди. Бу чўққилар бир неча дақиқа пайдо бўлиб: «Қўрқманглар, биз ҳаммамиз шу ердамиз, сиз бизни кўрмасангиз ҳам, биз сизни кўриб турибмиз». Кейин яна туман қуюқлашиб, осмон ойнаси ёпилиб қоларди. Шундай кунларнинг бирида Чўпон Вой-Қўрқаманга деди: «Сен яна йўлга отланганингда, атроф қуюқ туман билан қопланган бўлиши мумкин. Сен бу ерда — Чўққиларга кўрганларинг худди тушдай бўлиб кўриниши мумкин. Аммо сен ҳақиқатни кўрдинг, ҳақиқатни беркитмоқчи бўлаётган туман эса хом хаёлдир. Сен кўрганларингга астойдил ишонгин. Агар Чўққилар йўли сенга мавҳум бўлиб туюлса ёки қайси йўлдан боришни билолмай қолсанг ҳам, сенга берган ваъдамни эсингдан чиқарма. Қулоқларинг орқангдан келаётган овозни эшитади: «Мана йўл, шу йўлдан юринглар. Агар сизлар ўнгга ёки чапга бурилмоқчи бўлсангизлар, Мен аралашмагунимча, доим Итоаткорлик сўқмоғидан юравер. Ҳаттоки бу сўқмоқ сен учун жуда машаққат туғдирадиган жойларга олиб борса ҳам, у ерларга сени Мен жўнатганимга шубҳанг бўлганда ҳам илгари юравер. Вой-Қўрқаман, кўрган нарсаларингни эсингдан чиқарма. Чўққилар олдинда эканлигига шубҳа қилма. Менга ишонавер, нима бўлишидан қатъий назар, Мен сени Чўққиларга олиб бормоқчиман. Мен бунга ваъда бераман». Чўпон гапини тугатганда, туман пардаси ортидан яна бир ёруғлик пайдо бўлди ва мовий осмонга туташган Чўққилардан бири нур сочди. Туман пардаси яна қайтадан тушгунча Вой-Қўрқаман эгилиб, оёғи тагида ўсиб ётган гажак ўтдан эсдалик деб бир нечтасини узиб олди. Сўнг ўзига ўзи деди: «Булар ҳақиқатан ҳам тоғнинг паст қояларида ўсган. Бу Чўққилар собит (агар кўринмас бўлиб қолсалар ҳам) эканлигидан далолат беради». Бу жойда бўлганларининг охирги куни Чўпон жуда ажойиб бир иш қилди. У Вой-Қўрқаманни бир четга олиб чиқиб, Чўққилардан бирига— Севги Шоҳлигига олиб борди. Бу чўққи атрофда жойлашган бошқа Чўққилар орасида тахтга ўхшаб юксалиб турган кўзни қамаштирувчи оппоқ Чўққига олиб чиқди. У ерда — тоғ чўққисида У тубдан ўзгарди. Шунда Вой-Қўрқаман Чўпон ҳақиқатан ким эканлигини билди. Унинг олдида Севги Шоҳининг Ўзи — бутун Севги Шоҳлигининг ҳукмдори турар эди. У оппоқ ялтироқ кийимда бўлиб, устидан қимматбаҳо тошлар қадалган ва олтин иплар билан тикилган қизил, кўк ва қирмизи рангдаги ридо кийиб олган эди. Бошига шоҳлик тожини кийиб олган эди. Вой-Қўрқаман Унга таъзим қилиб, оёқлари остига тиз чўкди. Лекин унинг юзига боқиб турган чеҳра қадрдон бўлиб, Унинг ортидан Чўққилар сари йўл олган эди. Бу ўша — севгани Чўпон эди. Чўпоннинг кўзларида олдингидай меҳр, куч, ирода ва ҳукмронлик барқ уриб турарди. Шу билан бир қаторда бу кўзларда мўминлик ҳам намоён бўлган эди. Чўпон қўлларини ёйиб, бирон сўз демасдан Вой-Қўрқаманнинг қўлларидан ушлади ва Чўққининг энг баланд жойига олиб борди. У ердан атроф худди кафтдагидай кўриниб турарди. Чўпоннинг ёнида турган Вой-Қўрқаман қувончдан ўзини йўқотиб қўяй деди. Унга бутун Севги Шоҳлиги яққол кўринди. Олис-олисларда — пастда текисликлар, водийлар, Буюк денгиз, саҳро, хуллас, хаммаси кўриниб турган эди. Мана шулар орасида Вой-Қўрқаман Хўрлик водийсини яхшироқ танигандай бўлди. Ўша ерда Вой-Қўрқаман узоқ вақт яшади, шу водийда Чўпон билан танишди. Аммо буларнинг ҳаммаси анча илгари — қадимий ҳаётида юз бергандай туюлди. Қорли чўққилар бу жойларни ҳар томондан ўраб турарди. Атрофни ўраб турган Чўққиларнинг тик ён бағирлари қизга яққол кўриниб турарди. Сал юқорироқда уларни ўрмонлар, ундан юқорироғини ям-яшил ўтлоқлар, кейин қор қоплаган эди. Вой-Қўрқаман қайси томонга қарамасин, ҳамма жойда йилнинг шу пайтида ўсадиган оппоқ гуллар ўсиб ётарди. Уларнинг тиниқ барглари қуёшда кўзни қамаштирувчи оппоқ нур сочиб турарди. Ҳар бир гулнинг ўртасида тож бўлиб, бу тожлар худди олтиндан қилинганга ўхшарди. Бу гуллар ҳавога шундай муаттар ҳид тарқатардики, бу ҳид Вой-Қўрқаманга нотаниш эди. Уларнинг митти юзлари ва тилла гулчамбарлари пастга — водий томонга қараб турарди. Гуллар ниҳоятда кўплигидан қанчалигини ҳеч ким аниқлай олмасди. «Гувоҳларнинг катта булутидай» пастда нималар бўлаётганини яхшироқ кўриш учун гуллар пастга қараган эди. Шоҳ ҳамроҳлари билан қаерга бормасин, бу оппоқ либосга ўранган гуллар Унинг оёқларига бош эгардилар. Кейин яна хушчақчак, гард юқмаган бошларини кўтариб, атрофга олдингидан ҳам кўпроқ муаттар ҳидларини таратардилар. Шоҳ Вой-Қўрқаманни олиб чиққан энг баланд чўққининг устида соф олтиндан қилинган қурбонгоҳ бор экан. Қурбонгоҳ қуёшда шунчалик ярқираб нур сочар эдики, Вой-Қўрқаман қурбонгоҳга узоқ қараб тура олмасдан, кўзларини олиб қочди. Бу жойда олов ёниб, ундан хушбўй тутун булути атрофга тараларди. Шоҳ Вой-Қўрқаманга, тиз чўк, деб амр қилди, кейин олтин оташкурак билан қурбонгоҳдан бир бўлак кўмир чўғини олиб, Вой-Қўрқаманга тегизиб шундай деди: «Мана, бу чўғ тегди лабларингга, Энди ювилди айбинг, Гуноҳларингдан фориғ бўлдинг» (Ишаё 6:7). Бу Вой-Қўрқаманга жуда гўзал бўлиб кўринди, айни пайтда даҳшатли ёрқин аланга уни ёндириб юборгандай туюлди. Вой-Қўрқаман ҳушдан кетди, ҳеч нарсани сезмай қолди. Ўзига келганда билдики, Чўпон уни қўлида кўтариб кетаётган экан. Улар яна чегаранинг пастки ён бағирларига келиб қолдилар. Унинг ёнида яна олдинги Чўпон турарди. Шоҳлик ридоси ва тожи йўқ, аммо юзларида ҳали тасаввур қилиб бўлмайдиган куч, қудрат ва ҳукмронлик барқ уриб турарди. Тоғ чўққилари худди минораларга ўхшаб юксалиб турар, пастда эса ҳамма нарса туман ва булутлар билан қопланган эди. Чўпон Вой-Қўрқаманнинг ўзига келганини кўрди-ю унинг қўлидан ушлади, иккалови биргаликда пастга — оппоқ туман ичига йўл олди. Улар дарахтлари туманда аранг кўриниб турган кичкина ўрмондан ўтиб борар эдилар. Атроф жим-жит, фақат қаердадир сувнинг томчилаётгани эшитиларди. Йўловчилар ўрмоннинг ўртасига етиб борганларида, аллақандай қушнинг сайраши жимликни бузди, туманда бу қуш кўринмас эди. Қуш бир хилда сайрар, овози тоза эди. Қушнинг сайрашига диққат билан қулоқ солган одамга қушча худди бир гапни такрорлаётганга ўхшаб туюларди. Вой-Қўрқаман қушнинг сайрашидан қуйидаги қўшиқни англаб олгандай бўлди: У ғолиб бўлди, яшасин! У ғолиб бўлди, яшасин! Ўрмон севинч ҳайқириқларидан жаранглаб кетди. Чўпон билан Вой-Қўрқаман сув томчилаётган ўрмонда бу овозларни барала эшитдилар. «Вой-Қўрқаман, — деди Чўпон, — мен сени олиб бормоқчи бўлган Шоҳликка назар ташладинг. Эртага йўл бошловчиларинг билан бирга ўша ерга жўнайсизлар». Кейин у шундай бир меҳрибонлик билан қизга ажойиб сўзларни айтдики, Вой-Қўрқаман ҳатто қулоқларига ишонмади. «Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг…Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга сажда қиладилар, Мен сени нақадар севганимни билиб оладилар. Сен Менинг сабр қилиш ҳақидаги амримни бажо келтирдинг, шунинг учун Мен ер юзи бўйлаб яшовчиларни синаш учун юбориладиган васваса соатидан сени асрайман. Мен тезда келаман. Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут, зинҳор бирор кимса тожингни тортиб олмасин. Ғолибни Мен Худойимнинг маъбадида устун қиламан, у бошқа у ердан чиқмайди. Унинг пешанасига Худойимнинг номини…ва Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман» (Ваҳий 3: 8-12). Худди шу пайт Вой-Қўрқаман бор кучини йиғиб, унга савол берди. У бу саволни бошқа жойда ва бошқа пайтда беришга журъат эта олмасди. Чўпон қизнинг қўлини ушлаб олган эди. Вой-Қўрқаман Ундан сўради: «Раббим, ваъдангни тез орада адо этасанми ё йўқми, билсам бўладими?» Чўпон мулойимлик ва бениҳоя шодлик билан жавоб берди: «Ҳа, ўша вақт унча узоқ эмас. Ҳаракат қил, бахтли бўлишга ҳаракат қил. Агар сен кўрсатилган йўлдан юрсанг, ваъда қилинган нарсани тез орада оласан. Мен қалбинг хоҳишини адо этаман. Бунга кўп вақт қолмади». Шундай қилиб, улар туман билан қопланган ўрмонда пайдо бўлдилар. Вой-Қўрқаман қувончдан энтикар, сўзлашга тили ожиз эди. У қайта-қайта Худога илтижо қилди. Юз бераётган воқеалар чинми, рўёми — била олмай ҳайрон эди. Чўпоннинг юзида Вой-Қўрқаман тушунмайдиган ғалати бир ифода пайдо бўлди. Аммо Вой-Қўрқаман бахтиёрликдан шунчалик ўзини йўқотиб қўйган эдики, Чўпоннинг юз ифодаси тўғрисида ўйлашга вақти йўқ эди. Баланд, нам дарахт устида кичкинагина қушча шодон қўшиқ куйлай бошлади: «У ғолиб бўлди, яшасин!» Қўшиқ: «Яшасин! Яшасин! Яшасин!» билан тугади. Бир оздан кейин Чўпон билан Вой-Қўрқаман далага йўл олдилар. Ўша далада Қайғу билан унинг опаси иккаласини кутаётган эди. Энди саёҳатни давом эттиришлари керак эди. Чўпон уларни дуо қилиб, яна Ўз йўлига кетмоқчи бўлди. Тўсатдан Азоб билан Қайғу Чўпоннинг олдида тиз чўқиб, итоаткорлик билан сўрашди: «Раббим, охирги кунларда биз дам олган ва куч тўплаган жой қандай аталади?» Чўпон оҳиста жавоб берди: «Мен бу жойга издошларимни имонга киритиш учун олиб келаман ва уларни дафнга тайёрлайман». Вой-Қўрқаман бу сўзларни эшитмади, чунки у олдинроқда кетаётган эди. У ичида қайта-қайта такрорлар эди: «У айтдики, қўрқма, дадил бўл, бахтли бўлишга ҳаракат қил, энди оз қолди, Мен қалбинг хоҳишини бажараман, деб». 15-боб. Оқимлар Улар бораётган сўқмоқ йўл юқорига — Чўққиларга кўтарилмас, балки тоғ ён бағирлари орқали секин кўтарилар эди. Атроф ҳамон зулмат ичида, аммо олдингичалик зим-зиё эмас эди. Йўловчиларнинг ҳаммаси ўз хаёллари билан банд, сукут сақлаб йўлда давом этардилар. Вой-Қўрқаман Чўпоннинг яқинда берган ваъдасини эслади: «Тез орада келаман, сенинг қалбинг хоҳиш-истакларини адо этаман». Қайғу билан Азоб балки Чўпон билан хайрлашаётганларида ўзларининг саволларига Чўпон берган жавоб тўғрисида ўйлашган бўлса керак. Ҳақиқатан, шундай бўлган эдими ё йўқми — бу тўғрида айтиш қийин. Чунки улар бир-бирлари билан гаплашмай, жим борардилар. Аммо Вой-Қўрқаман шуни сезиши лозим эдики, унга ҳамроҳларининг муносабати бошқача бўлиб қолди. Кечга яқин улар сўқмоқдан четроқдаги ёғоч уйга етиб келишди. Уйнинг эшигига Чўпон сирли белгисини чизиб қўйган эди. Шунинг учун улар шу уйда дам олиб, шу ерда тунашга ҳозирлик кўра бошладилар. Ҳаммалари ичкарига кириб, яқин орада уйда кимдир бўлганини дарров билдилар. Ўчоқда олов ёниб турар, печканинг устида чойнакда сув қайнаб турган экан. Стол устида уч кишига мўлжалланган идиш-товоқ, яна нон, мева-чева турган экан. Чамаси, уларнинг келишини кимдир кутган, кўнгилдан чиқариб тайёргарлик кўрган, шекилли. Лекин уларни ким кутган, мақсади нима бўлган — ноаниқ эди. Йўловчилар, йўлда чангга ботиб кетдик, деб ювиниб олдилар, кейин дастурхонга ўтирдилар, Худога шукр айтиб овқатлана бошладилар. Улар йўлда чарчаган эдилар, шунинг учун овқатланиб бўлгач, ухлашга ётдилар. Кўп ўтмай ухлаб қолдилар. Вой-Қўрқаман қанча ухлади — билмади, бирдан уйғониб кетди. Ҳали қоронғу экан, ҳамроҳлари эса бемалол ухлаб ётардилар. Шу пайт уни кимдир чақирди. Вой-Қўрқаман жимгина кутиб турди, кейин яна «Вой-Қўрқаман!» деб унинг исмини айтиб чақирган овозни эшитди. «Лаббай, Раббим!» дея жавоб берди у. «Вой-Қўрқаман, — деди ўша Овоз, — Мен сени Ўзим билан Чўққиларга боришга таклиф қилганимда, ваъда берган эдим, шу ваъдамни ол. Қалбингга Севги уруғини экканимда, қалбингда ўсган инсоний севгига бўлган табиий интилишни ҳам ол. Тоққа чиқиб, шуларни Менга атаб қурбонлик қил. Қаерга чиқишингни Мен сенга кўрсатаман». Вой-Қўрқаман, хамроҳларимни уйғотиб юбормай, деб жимгина ўрнидан турди. Эшикни очиб, ташқарига чиқди. Атроф туман билан қопланган, бунинг устига зим-зиё тун, булут бирон нарсани кўришга имкон бермас, тоғни асло кўриб бўлмасди. У олисларга тикилиб турар экан, деразадай бир жойда нур сочиб турган ойни ва битта юлдузни кўриб қолди. Ўша ой ва юлдуз остида оппоқ Чўққи хира кўриниб турар эди. Чўққининг этагида қоянинг бўртиб чиқиб турган жойидан пастда каттакон шаршара пастга интилади. Ана шу бўртиб чиққан жойгина кўриниб турар, пастдаги нарсалар эса қуюқ туман ичида қолган эди. Шу пайт: «Ана Мен сенга белгилаган жой» деган овоз эшитилди. Вой-Қўрқаман атрофга қаради ва шундай жавоб берди: «Хўп, Раббим, мен — чўринг айтганингни адо этаман». Вой-Қўрқаман шундан кейин ухлагани бошқа ётмади, эшик олдида туриб тонг отишини кутиб ўтирди. Шаршаранинг шовуллаши тун сукунатида унга бутун атрофга таралгандай, унинг титраётган қалбида момақалдироқ товуши сингари акс садо бераётгандай туюлди. Бу овоз унинг бутун вужудида қуйидаги сўзларни такрорлаб, жаранглар эди: «Энди сенга берган ваъдамни ол, юрагингдаги инсоний севгига бўлган табиий интилишни ҳам олиб, уларни куйдириб қурбонлик қил». Вой-Қўрқаман эрта тонгда ҳамроҳларини уйғотди, кейин уларга шундай уқтирди: «Тез йўлга тушишимиз керак. Шаршара жарликка қуйиладиган жойга кўтарилишимиз лозим экан, шундай амр бўлди». Ҳамроҳлар дарров ўринларидан турдилар, апил-тапил нонушта қилиб, ҳаялламай йўлга тушдилар. Сўқмоқ тоғ ён бағридан тўппа-тўғри юқорига кўтарилган экан. Йўловчилар момақалдироқдай гувиллаб турган шаршара томон йўл олдилар. Осмон булутли, атроф туман бўлгани учун шаршара кўринмас эди. Орадан бир неча соат ўтди. Саёҳатчилар юқорилаб борар, сўқмоқ эса борган сари тик кўтарилиб борарди. Узоқдан момақалдироқнинг гумбурлаши эшитилди, зулмат пардасини ёриб чақмоқ чақди. Тўсатдан сўқмоқнинг юқорироғида тошлар устида сирпаниб югуриб келаётган оёқ товушлари эшитилди. Аёллар югуриб келаётганларни ўтказиб юбориш учун тўхтадилар ва қояга ёпишиб олдилар. Шу пайт зулмат қаъридан олдин Қўрқув, кейин Аччиқ, уларнинг ортидан Такаббур, Афсус ва Ранж кўриндилар. Улар шунчалик тез югуриб келардиларки, гўё ҳаёт-мамотлари шунга боғлиқдай. «Орқага! Тезда орқага қайтинглар! Олдинда қор кўчган! Тоғ ён бағирлари худди қулаб кетадигандай титраяпти! Ҳаётингизни сақлаб қолинг! Қочинглар! Зудлик билан қочинглар!» Улар жавобини ҳам кутмасдан, ҳеч нарсага қарамасдан югуриб ўтиб кетдилар. «Энди нима қиламиз? — деди Азоб билан Қайғу, улар биринчи марта ўзларини йўқотиб қўйдилар. Орқага — уйга қайтиб кетамизми? Ёки бўрон тинишини, қор кўчкиси ўтиб кетишини кутамизми?» «Йўқ! — жавоб берди Вой-Қўрқаман секин, аммо қатъият билан. У ҳамроҳларини уйғотиб йўлга тушганларидан буён биринчи марта гапирди: — Йўқ, биз орқага қайта олмаймиз. Юқорига — улкан шаршара қоядан оқиб тушадиган жойга кўтарилишимиз учун менга амр берилди». Шунда унинг яқинидан Овоз эшитилди: «Шу ерда сўқмоқнинг ёнгинасида сен учун тайёрлаб қўйилган жой бор. Ўша ерда бўроннинг тинишини кутиб туринглар». Қоянинг тагида кичкина ғор бўлиб, пастаккина, фақат эгилиб кириш мумкин эди. Ичкарида қисилиб ўтирилгандагина, учаласи сиғиши мумкин эди. Учалови бир-бирига ёпишиб ўтириб олдилар. Бирдан уларнинг тепасида бўрон қутура бошлади. Тоғларда момақалдироқнинг гумбур-гумбури акс садо берар, юмалаб тушаётган тош ва қор кўчкисининг товуши эшитилиб турарди. Тўхтовсиз чақмоқ чақар, оловли тили билан ер юзини ямлагудай бўларди. Тўсатдан шаррос ёмғир қуйиб, тепадан оқим кела бошлади. Шамол шунчалик кучли эсар эдики, гўё теварак-атрофни ер билан яксон қилиб, ларзага солиб, йўқ қилиб юбораётгандай. Тик қоялардан ёмғир сувлари шиддат билан оқиб келар, ҳатто ғор оғзидаги тошларни ҳам сув девор бўлиб ёпиб қўйганга ўхшарди. Аммо қаҳрамонларимиз ўтирган ғорга бир томчи ҳам сув кирмади. Бўрон тиниш ўрнига, баттар авж олаверди. Учалови узоқ ўтирди. Вой-Қўрқаман бир пайт халтачасидан тошларни этагига тўкди-да, битталаб текшира бошлади. Булар қурбонгоҳлардан олинган ўша тошлар, Чўпон қизнинг юрагига Севги уруғини эккандан бошлаб йўлларга қурган қурбонгоҳлардан олинган хотира тошлари эди. Энди у бўрон тинишини кутиб, ғужанак бўлиб ғорда ўтирибди. Чўпоннинг, ваъдамни қурбонлик қил, деган амридан бошқа ҳеч нарса қизда қолмади. Ана ўша ваъда бутун саёҳат давомида қизга куч бағишлади. Вой-Қўрқаман олдида турган кичкина тош уюмига қаради-да, маъюс ҳолда ўзига ўзи деди: «Буларни ташлаб юборсаммикан? Ахир, буларнинг ҳаммаси ҳеч нарсага арзимайдиган нарсалар-ку!» Кейин у муздай бармоқлари билан битта тошчани олди ва ўша ҳовуз олдида Чўпон унга айтган сўзларини эслади: «Мен сенинг оёқларингни кийик оёқларидай қиламан, сени Чўққиларга олиб чиқаман» (Ҳавақ. 3:19). Вой-Қўрқаман тошчаларни қўлида узоқ ушлаб турди, охири, секингина деди: «Оёқларим кийик оёқларидай бўлмади, аммо ҳозир Чўққиларга шунчалик яқинманки, бу тўғрида орзу ҳам қилмаганман. Агар мен шу ерда — баландликда ўлсам, нима бўпти. Бу тошларни ташламайман». Вой-Қўрқаман тошларни яна халтасига солиб қўйди. Кейин иккинчи тошни олди ва такрорлади: «Ҳозир мен нима қилаётганимни сен билмайсан, кейин билиб оласан» (Юҳ. 13:7). Аламдан қизнинг кўзларидан дувиллаб ёш қуйилди: «Ҳеч бўлмаганда, бу ваъданинг ярми тўғри, қолган ярми тўғрими, йўқми, ким билади…Йўқ, мен бу тошни ташлаб юбормайман!» Кейин учинчи тошни олди ва яна эслади: «бу ўлимга эмас, Худони шарафлашга» (Юҳ. 11:4). «Ўлимга эмасми? — такрорлади у. — Агар У, шу ваъдани қурбонлик қилиб куйдир, деса ҳам». Вой-Қўрқаман тошни халтасига солиб, тўртинчи тошни олди. «Дондан бўлган нонни янчишади, аммо уни синдирмайдилар» (Ишаё 28:28). «Мен бу тошдан ажрала олмайман», деди ва халтасига солиб қўйди. Сўнг бешинчи тошни олди. «Мен сен билан кулолга ўхшаб муносабатда бўла олмайманми, дейди Худо» (Ибр. 18:6). «Тўғри», деди Вой-Қўрқаман ва тошни халтасига солиб қўйди. Олтинчи тошни олар экан, такрорлади: «Бечора, бўронларда ташлаб кетилган дардчилгинам…» (Ишаё 54:11). У гапини охиригача етказа олмай, аччиқ-аччиқ йиғлади: «Қандай қилиб ундан ажараламан?!» деди-ю тошни халтасига солиб қўйди ва еттинчисини олди. «Менинг қўйларим товушимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади» (Юҳ. 10:27). «Шунисини ташлаб юборсаммикан, — деди у ўзига ўзи. — Мен чиндан ҳам унинг овозини эшитдимми ёки йўл бўйи ўзимни ўзим алдаб келяпманми?» Чўпон шу сўзларни айтаётган пайтдаги юз ифодасини Вой-Қўрқаман кўз олдига келтирди ва тошни қайтариб халтасига солиб қўйди. Кейин тошга қараб деди: «Буни асрайман, қандай қилиб ундан жудо бўлайин?» Вой-Қўрқаман саккизинчи тошни халтасидан олди. «Мен нима қилишимни энди кўрасан» (Чиқ. 6:1). Вой-Қўрқаман забт этиб бўлмайдиган қояни, Чўпон қизни шу қоя чўққисига олиб чиққанини кўз олдига келтириб, тошни яна халтасига солиб қўйди ва тўққизинчи тошни олди. «Худо инсон эмаски, У ёлғон гапирса, У одам эмаски, фикрини ўзгартирса. У доим ваъдаси устидан чиқар! Ўз айтганларин албатта бажарар!» (Саҳрода 23:19). Вой-Қўрқаман тошни қўлига олиб, титраб-қақшаб узоқ ўтирди ва охири деди: «Мен Унга берилиши керак бўлган ягона жавобни бердим: агар Мени алдай олсанг, алдайвер.» Кейин у муздай тошни халтасига солиб қўйди ва ўнинчи тошни олди. «Сенинг қулоқларинг орқадан келаётган овозни эшитади: «Мана йўл, шу йўлдан юринг, агар ўнгга ё сўлга бурилсангиз…» (Ишаё 30:11). Шундай дедию ўзи сесканиб кетди, аммо дарров қўшиб қўйди: «Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг … Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут, зинҳор бирор кимса тожингни тортиб олмасин» (Ваҳий 3:8, 11). Вой-Қўрқаман ўнинчи тошни халтасига солар экан, узоқ сукут сақлагандан кейин ердан кичкина, қийшиқ тошни олди ва халтасига солиб қўйди, сўнг деди: «Мана У Мени ўлдиряпти, аммо мен умид қилавераман» (Аюб 3:13). Вой-Қўрқаман халтасининг оғзини боғлаб, деди: «Агар бутун олам менга, бу тошларнинг қадр-қиммати йўқ, деб айтса ҳам, мен улардан ажралмайман». Қайғу билан унинг опаси Вой-Қўрқаманнинг ёнида сукут сақлаб ўтиришарди. Қиз тошларни бирма-бир олиб, кўздан кечираётганда, улар диққат билан кузатиб ўтирган эдилар. Иккаласи ҳам енгил тортиб, овоз чиқариб кулдилар, кейин бараварига миннатдорчилик билдирдилар: «Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, у уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун қуламабди» (Матто 7:25). Бу пайтда ёмғир тинган, энди сув қоядан оқмас эди. Фақат туман бор эди, холос. Олис-олисларда момақалдироқнинг гумбур-гумбури, кўчки кўчишидаги овоз ҳам тиниб қолди. Йўловчилар ғордан чиқиб, пастда туман орасида қаердандир қушларнинг шодон қўшиғини эшитдилар. Балки бу ўша ўрмонда Чўққилар ёнбағрида У ғолиб бўлди, яшасин! У ғолиб бўлди, яшасин! деб куйлаган қушчанинг акасидир. Бу жарангдор овозлар уларнинг ёнига етиб келганда, Вой-Қўрқаманнинг юрагидаги совуқ муз қатлами парчаланиб, аста-секин эриб кетди. Кичкина чўпон қиз қимматбаҳо тошлар солинган халтасини йўқотиб қўймай, дегандай маҳкам бағрига босиб, ҳамроҳларига деди: «Бўрон тинди, энди йўлга чиқсак бўлади». Мана шу ерда сўқмоқ тоғ ён бағри бўйлаб юқорига кескин кўтарилар экан. Сўқмоқ шунчалик тик ва тўғри эдики, Вой-Қўрқаман олдинга фақат эмаклаб илгарилаши мумкин эди. У мана шу ўтган вақт давомида, қанчалик юқорига чиқсам, Чўққиларга қанчалик яқин бўлсам, шунчалик кучли бўламан, кам қоқиламан, деб ўйлаган эди. Аслида эса бунинг тескариси бўлиб чиқди. Вой-Қўрқаман юқорига кўтарилгани сайин, ҳолдан тойиб, заифлашаётганини аниқроқ ҳис қила бошлади, заифлашгани сари, тез-тез қоқиладиган бўлди. Ҳамроҳларида эса бунинг акси бўлди. Ҳамроҳлари юқорига кўтарилганлари сари, кучлироқ ва хурсанд бўлиб боравердилар. Буниси жуда маъқул эди, чунки Вой-Қўрқаман жуда ҳолдан тойгани учун, ҳамроҳлари уни тез-тез кўтариб бордилар. Шунинг учун улар секин йўл босар, йўллари унмасди. Иккинчи куни улар тоғ ён бағридаги унча катта бўлмаган чуқурлик миттигина ясси тоғ ҳосил қилган жойга етиб келдилар. Қоянинг орасидан булоқ ирмоқ ҳосил қилиб оқар эди. Булоқ кичкина шаршара ҳосил қилиб, тоғ ён бағридан пастга оқарди. Улар тунни ўтказиш учун шу ерда қолмоқчи бўлдилар. Шу пайт Вой-Қўрқаман: «Сўқмоқ бўйидаги булоқдан сув ичиб, кучингни тиклаб ол» деган Овозни эшитди. Шунда Вой-Қўрқаман жилғага энкайиб, булоқ сувидан оғзини тўлдирди. Сувни ютган эди… сув шунчалик тахир эканки, дарров туфлаб ташлади. Вой-Қўрқаман булоқ олдида тиз чўкиб ўтириб, бир неча дақиқа оғзи билан нафас олди. Атрофда сукунат чўкди. Вой-Қўрқаман шу лаҳзада оҳиста, майин овозда деди: «Худойим! Мен бу сувдан ичишни хоҳлайман, аммо ича олмайман». «Маро сувининг ёнида бир дарахт ўсади, — деди ўша Овоз. — Ўша дарахт шохидан синдириб олиб, сувга ташла. Сув ичишга яроқли бўлиб қолади». Вой-Қўрқаман атрофга қараган эди, кичкина тиконли дарахтга кўзи тушди. Дарахтнинг танаси чопилган бўлиб, ҳар томонида биттадан шох қолган эди, холос. Дарахт худди хочга ўхшар, шохлари узун, ўткир тиконлар билан қопланган эди. Азоб дарахт ёнига бориб, бир дона шохчасини синдириб олди ва Вой-Қўрқаманга олиб келди. Қиз шохни олиб, сувга ташлади. Шундан кейин қиз яна сув ичгани эгилди. Энди сувнинг тахир мазаси йўқолган, ичса бўлар экан. Аммо сув барибир, ширин сувга айланмаган бўлса ҳам, бемалол ичса бўларди. Қиз сувдан шошилиб-шошилиб ичди. Ичган сари бу сувнинг оддий сув эмаслигини, ичган сайин кучига куч қўшилиб, ўзини тетик ҳис қилаётганини англаб турарди. Айни мана шу ерда — Маро сувларининг ёнида у ўн иккинчи тошни ердан олди ва халтасига солиб қўйди. Охирги тош шу бўлди. Йўловчиларимиз бир оз дам олганларидан кейин йўлни давом эттирмоқчи бўлдилар. Вой-Қўрқаман анча пайтгача ўзини бардам ҳис қилиб борди. Энди у олдингидай заиф, бемажол эмасди. Йўл олдингидан ҳам тик бўлиб бораверди. Бу жуда яхши эди. Чунки Вой-Қўрқаманнинг юрагида фақат битта истак — тайинланган жойга тезроқ етиб бориш, кучи борлигида Чўпон берган амрни бажариш истаги бор эди. Учинчи куни саёҳатчилар «кўзларини юқорига тикдилар ва олис-олисларни» — буюк қояни ва шаршарани кўрдилар. Саёҳатчилар йўлда давом этиб, тошлоқ йўлдан тепага анча юрдилар ва пешиндан кейин тайинланган жойга етиб келдилар. 16-боб. Тоғдаги қабр Сўқмоқ Вой-Қўрқаман билан унинг ҳамроҳларини тубсиз жарлик ёнига олиб келди, шундай қилиб, йўл шу ерда тугади. Ғор худди қабрга ўхшаб турар, кўз илғаган жойгача чўзилиб, йўлни бутунлай тўсиб қўйди. Бу дара қуюқ туман билан қопланганлиги учун унинг чуқурлигини аниқлаб бўлмас эди. Жарнинг нариги томонида нима борлиги ҳам кўринмас, худди қабрнинг оғзига ўхшаб уларни ютиб юборай деб турарди бу жарлик гўё. «Вой-Қўрқаман!» деган овоз унга гапирдими ёки йўқми — у бир неча дақиқа ўйланиб қолди. Жар четида турган йўловчиларимиз эса кучли сув оқимининг овозини аниқ эшитишди. Шунда улар ўша улкан шаршарага яқин жойда туришганини ва чиндан ҳам бу жой ўша келишилган жой эканини Вой-Қўрқаман билиб олди. У йўл бошловчиларига қараб секингина деди: «Энди нима қиламиз? Нариги томонга сакраб ўта оламизми?» «Йўқ — дея жавоб берди улар, — бунинг имкони йўқ». «Ундай бўлса, нима қиламиз?» «Пастга — жарга сакрашимиз керак». «Албатта, — деб маъқуллади Вой-Қўрқаман, — мен бошида буни тушунмабман, албатта шундай қилишимиз керак». Вой-Қўрқаман шундай дея саёҳатлари давомида охирги марта йўл бошловчилардан ёрдам сўраб, уларга қўлини чўзди. (У охирги марта ёрдам сўраётганини ҳали ўзи ҳам билмасди.) Вой-Қўрқаман шунчалик ҳолдан тойиб, мадордан кетдики, ҳамроҳлари унинг қўлидан ушлаш ўрнига, қўлтиғидан олдилар. Вой-Қўрқаман уларнинг қўлига бутун оғрилигини ташлаб осилиб олди. Шундай қилиб, Вой-Қўрқаманни бир томондан Азоб, иккинчи томондан Қайғу ушлади-да, учалови тубсиз жарликка сакрадилар. Улар сакраган жой жуда чуқур эди. Агар Вой-Қўрқаман бир ўзи бўлганда, анча қийин кечиши табиий эди, жарликка сакраганларида, Вой-Қўрқаман шикастланиши ҳам мумкин эди. Ҳамроҳлар анча бақувват бўлганлари учун, сакраганларида унга асло зарар етмасдан, юмшоқ ерга тушдилар. Уларнинг бир-икки жойи шилинганини, баъзи жойлари кўкармаганини ҳисобга олмаганда, уларга ҳеч қандай жиддий зарар етмади. Жарлик ниҳоятда қуюқ туман билан қопланганидан, ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди. Шунинг учун улар аста-секин, пайпаслаб олдинга ҳаракат қилдилар. Бирдан уларнинг қаршисида узунчоқ, силлиқ тошнинг ғира-шира шакли намоён бўлди. Йўловчилар тошга яқин келиб қарасалар, у тошдан ясалган қурбонгоҳ экан. Қурбонгоҳ орқасида кимнингдир шарпаси аранг кўриниб турарди. «Бу ўша жой, — аста деди Вой-Қўрқаман, — шу ерда мен қурбонлик келтиришим керак». У қурбонгоҳ ёнига келиб, тиз чўкди. «Раббим! — деди у туман орасидан майин овоз билан. — Сен олдимга келасанми, ўзинг буюрганингдай, қурбонлик қилишимга ёрдам берасанми?» Вой-Қўрқаман бутун саёҳати давомида илк бор саволига жавоб олмади, Чўпон зоҳир бўлмади. Вой-Қўрқаман бу совуқ ёпишқоқ туманда кимсасиз соялар водийсида ташландиқ қурбонгоҳ олдида бир ўзи тиз чўкиб ўтирди. Унинг хаёлига қачонлардир Аччиқ айтган гаплар келди (Аччиқ бу гапларни Танҳолик денгизи олдида айтган эди): «Эртами, кечми, у сени кимсасиз жойга олиб боради-да, бир ўзингни ташлаб кетади». Аччиқнинг сўзларида оз бўлса ҳам ҳақиқат бор экан. Аммо у нодонлиги учун Вой-Қўрқаманнинг ўша пайтдаги ақлсизлигини тушунмаган эди. Шунинг учун ўша пайтда энг муҳими севган кишисининг изидан бориш ва унинг иродасини бажариш бўлган эди. Шу мақсад йўлида у ҳеч қандай қийинчиликдан қўрқмасликка ёки уларни енгиб ўтишга тайёр эди. Ҳозир бир нарса жуда ғалати эди: душманлари йўқ, бир ўзи қурбонгоҳ олдида ҳимоясиз турарди. Қабр баланд тоғ тепасида — чўққиларнинг чегарасида бўлгани учун на Такаббур, на Аччиқ, на Ранж, на Афсус, ҳаттоки Қўрқув ҳам бу ерга кела олмас эдилар. Вой-Қўрқаман ўзини бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис қилар, унинг душманлари бу жарликка ҳеч қачон сакрай олмас эдилар. Қиз қурбонгоҳ устига энгашар экан, унда умид-ишонч, чора асло йўқ эди. Унинг ёнига ҳозир ҳеч ким келмаслигини ўзи билар, қурбонлик қила олмаслигини ҳам ўзи билиб турарди. Буни билгани ҳолда, у на қўрқар, на ортга қайтишни хаёлига келтирарди. Вой-Қўрқаман мана шу оғир сукунатдан бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмас, ҳозирги ягона истаги ўзига берилган буйруқни тезроқ адо этиш эди. Фақат ўзи сўрагани учун бўронда беркиниб ўтирган ғорда қалбини эгаллаган ёлғизлик ҳисси уни тамомила тарк этган, энди юрагида бир оз олов алангалана бошлаган эди. Бу аланга — унинг иродасини тезроқ бажариш алангаси эди. Бошқа ҳаммаси сўниб кулга айланган эди. Вой-Қўрқаман Чўпонни бир оз кутиб турди. Аммо У келавермагач, қўлини чўзиб, иродасини бир жойга йиғди-ю юрагида сўниб бораётган табиий инсон севгисини ва хоҳишини ушлаб олди, уларни тамомила юлиб олмоқчи бўлди. Аммо уларга қўлини уриши билан ҳар бир асаб толасида, ҳар бир ҳужайрасида азоб берувчи қаттиқ оғриқ сезди. Бу илдизлар ўсиб, бутун танасини қамраб олганини билиб ниҳоятда тушкунликка тушди. У бу илдизларни юлиб олиш учун бор кучини сарф қилган бўлса ҳам, уларни ҳатто қимирлата ҳам олмади. Шунда у биринчи марта қўрқувга, ваҳимага ўхшаш алланарсани ҳис қилди. Вой-Қўрқаман Чўпон айтган ишни қилишга қодир эмаслигини сезди. У қурбонгоҳ олдига келди-ю иродасини бошқара олмади. У ҳамроҳларига қараб, улардан ёрдам сўради. Ўзи қила олмаган ишни — бу ўсимликни юрагидан юлиб ташлашни улардан илтимос қилди. Аммо биринчи марта Қайғу ва Азоб унга рад жавобини бердилар. «Биз сен учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик, — жавоб берди улар. — Аммо бу ишни қила олмаймиз». Шунда қурбонгоҳ орқасида бир шарпа пайдо бўлиб, олдинга чиқди ва секингина деди: «Мен мана шу қурбонгоҳ руҳонийсиман. Хоҳласанг, юрагингдаги бу илдизни мен ўзим юлиб ташлайман». Вой-Қўрқаман ялт этиб унга қаради: «Раҳмат, — деди у, — илтимос, менга ёрдам беринг». Руҳоний қизнинг олдига яқинроқ келди. Туман қуюқ бўлгани учун руҳонийнинг юзи аниқ кўринмас эди. Вой-Қўрқаман илтижо оҳангида сўз қотди: «Мен жуда қўрқоқман, оғриқ ва дард сизга қаршилик кўрсатишимга мажбур қилади, деб қўрқаман. Сиз мени бирон нарса билан қурбонгоҳга боғлаб қўя олмайсизми? Худойимнинг хоҳиш-иродаси амалга ошаётганда, унга қаршилик кўрсатишни хоҳламайман». Бу туман босган жарликда бир неча дақиқа сукунат ҳукм сурди. Кейин руҳоний гапирди: «Тўғри айтдинг, мен сени қурбонгоҳга боғлаб қўяман». У шундай деб қизнинг оёқ-қўлларини боғлаб қўйди. Кейин Вой-Қўрқаман юзини умуман кўринмайдиган Чўққилар томон бурди ва туманга тикилиб деди: «Худойим! Мана мен Ўзинг юборган жойда турибман. Сен қил деганингни қиляпман. Сен қаерда ўлсанг, мен ҳам ўша ерда ўлиб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, мени сендан фақат ўлим ажаратади» (Рут. 1:17). Атроф худди қабрдаги сингари сукунат ичида эди. Ҳақиқатан ҳам, Вой-Қўрқаман ўз орзу-умидларининг қабрида турар эди. Чунки унда ҳали на кийик оёқлари бор, на ваъда қилинган Чўққиларга етиб олган. Энди ўша ваъдаларини қурбонгоҳга қўйиши керак. Дарвоқе, мана шу узоқ машаққатли саёҳат натижасида у қаерга келиб қолди? Охирги марта Чўққиларга томон йўлга отланишга уни мажбур қилган шу ажойиб ваъдани қурбонгоҳга қўйишдан олдин ўша ваъдаларни такрорлади: «Эгам — менинг қудратимдир, У менинг оёқларимни кийик оёқларидай қилади, мени чўққиларга олиб чиқади» (Ҳавақ. 3:19). Руҳоний пўлат панжаларини Вой-Қўрқаманнинг юрагига ботирди. Шунда ўсимлик куч билан юлинаётганда чиқадиган товушга ўхшаш товуш эшитилди. Ниҳоят, инсон севгиси сон-саноқсиз илдизлари, томири билан юлиниб чиқди. Руҳоний илдизни қўлида ушлаб туриб, деди: «Ҳа, уни юлиб ташлаш вақти келган экан, юрагингда биронта ҳам илдиз қолмади». Руҳоний шундай деб қўлидаги ўсимликни (инсоний севгини) қурбонгоҳга қўйиши билан лоп этиб олов ёнди, қурбонгоҳ иккига бўлиниб кетгандай бўлди. Қурбонгоҳ устида кулдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Вой-Қўрқаманнинг юрагида чуқур илдиз отган севгидан асар ҳам қолмади, бутун саёҳат давомида унинг ҳамроҳлари бўлган Қайғу ҳам, Азоб ҳам йўқолди. Вой-Қўрқаманни хотиржамлик, тинчлик ҳисси қамраб олди. Ниҳоят, қурбонлик келтирилди. Энди қилиниши керак бўлган иш қолмади. Руҳоний Вой-Қўрқаманнинг қўл-оёқларини ечгандан кейин қурбонгоҳдаги кул устига эгилиб: «Бажо бўлди!» деди. Охири, ҳолдан тойганидан ухлаб қолди. ИККИНЧИ ҚИСМ «Саҳарда шодлик келур» Забур 29:6 17-боб. Шифобахш дарёлар Вой-Қўрқаман эрталаб уйғонганда, қуёш кўтарилиб қолган эди. У қандайдир ғорда ётган экан. Вой-Қўрқаман бошини ғор туйнугидан чиқариб қаради. Қуёш атрофга нурларини сочган, ҳамма нарса қуёш нурларига ялтираб, кўзни қамаштирарди. У бирпас ётиб, фикрларини бир жойга жамлади ва қаерда ётганини фаҳмлаб олмоқчи бўлди. Қуёш нурлари тош ғорга ҳам ёйилган, тинч, илиқ, тутатқи ва мирранинг хушбўй ҳидлари билан тўла эди. Вой-Қўрқаман устига ёпилган кўрпачадан бу хушбўй ҳидлар таралаётганини билиб олди. Устидаги ёпинчиқни авайлаб олиб, ўрнидан туриб ўтирди-да, атрофга разм сола бошлади. Кейин нималар юз берганини эслади. У қандай қилиб ҳамроҳлари билан баланд тоғдаги туман қоплаган ғорга келиб қолганлари ёдига келди. Сўнг юрагидан севги гулини руҳоний юлиб олиб, қурбонгоҳда куйдирганини хотирлади. Шуларни эслаб кўкрагига қараган эди, кўкрагини хушбўй ҳидли бир парча мато ёпиб турган экан. Ғордаги хушбўй ҳид шу матодан тарқалаётган бўлиб, бутун атрофга ёйилган эди. У қизиқиб матони кўтарди ва жароҳатдан асар ҳам қолмаганини кўриб ҳайратга тушди. Яранинг изи ҳам қолмаган экан. Вой-Қўрқаман ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Бир оз атрофга разм солиб қараб турди. Яқингинада қалин туман билан қопланган дара энди қуёшнинг ёрқин нурлари билан ёришиб турарди. Ҳамма ерда майин, янги майсалар ўсиб ётар, худди осмондаги юлдузлар каби турли хил гуллар очилиб ётар, ҳамма нарса шудрингдан ялтираб ётарди. Даранинг марказида, ғордан унга узоқ бўлмаган жойда узунчоқ тошдан қурбонгоҳ ясалган экан. Руҳоний Вой-Қўрқаманни ана шу тошга боғлаган эди. Энди қуёш нур сочгандан кейин разм солса, у гуллар билан қопланган экан. Атрофда гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда ўтларнинг шудрингини тўкиб, қушлар сакраб юрар, хушчақчақ сайраб, дамба-дам патларини тозалар эди. Қушчалардан биттаси қурбонгоҳ устига қўниб, хуш овози билан шодон сайрай бошлади. Аммо энг гўзали ва ажойиби шу эдики, тош қурбонгоҳ тагидан биллурдай улкан дарё оқиб чиқарди. У тош тагидан булоққа ўхшаб отилиб чиқар, қоянинг кенг чиқиб турган жойидан шовқин солиб пастга оқар эди. Вой-Қўрқаман улкан булоқнинг бошланиш жойида турган экан. Қиз энди билди: руҳоний уни боғлаб қўйган тош қурбонгоҳдан булоқ бошланар экан. Вой-Қўрқаман анча вақт атрофни томоша қилиб турди. Унинг юраги сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган даражада қувончга тўла эдики, буни сўз билан тасвирлаб бўлмас эди. Уни ажойиб бир дунё ўраб олганга ўхшарди. Дарада Вой-Қўрқаман бир ўзи ёлғиз қолган, на руҳоний, на ҳамроҳлар қолган эди. Дарада ундан бошқа тирик жон — атрофда сайраётган қушлару гулдан гулга қўниб учаётган капалаклар эди. Боши узра мовий осмон ва Чўққиларнинг тепаси кўзни қамаштирадиган даражада нур сочиб турарди. Вой-Қўрқаман янги шароитга кўникиб олгандан кейин, биринчи қилган иши — қурбонгоҳ остидан оқаётган дарёнинг ёнига келиш бўлди. Дарё уни ўзига чорларди. Вой-Қўрқаман қирғоққа келиб, сувга эгилиб, қўлини тиниқ сувга ботирди. Сув ниҳоятда совуқ бўлиб, Вой-Қўрқаманнинг бутун вужуди завқ-шавқдан ҳаяжонга келди. Бир оз ўтгач, эгнидаги зиғир матосидан тикилган либосларини ечиб, сувга тушди. У ҳали ҳаётида бундай ширин туйғуни бошидан кечирмаган эди. У қайнаб чиқаётган ҳаёт булоғига киргандай бўлди. Сувдан чиққанда эса танасидаги сув ўша зоҳотиёқ қуриб қолди, оёғидан бошигача — бутун танасида соғломлик ва зафар ҳиссини туйди. Вой-Қўрқаман сув бўйида турар экан, тасодифан оёқларига қаради-ю ҳайратдан лол қолди: оёқлари тўғри, нуқсонсиз бўлиб қолган эди. Бунинг устига, оёқлари оппоқ бўлиб қолган, кўм-кўк устида ажралиб турар эди. Шунда Вой-Қўрқаман Чўпоннинг, Чўққиларда шифобахш дарёлар оқади, деган ғапларини эслади. У ширин бир ҳаяжондан титраб, яна сувга тушди-да, сувга шўнғиди. Кейин у тошлар орасидан ойнадай тиниқ, текис сувли кўлни топди. Кўл олдида тиз чўкиб ўтириб, сувга эгилган эди, сувда ўз аксини кўрди. Ҳақиқатан ҳам, хунук, қийшиқ оғзи тўғриланиб, юзи ҳам худди ёш боланикидай текис, чиройли бўлиб қолган эди. Шундан кейин Вой-Қўрқаман дара бўйлаб сайр қила бошлади. Тоғ ён бағирларида ёввойи ер ёнғоқ, маймунжон ва бошқа ўрмон мевалари ўсиб ётган экан. Вой-Қўрқаман шу мевалардан еган эди, қорни тўйиб қолди, гўё тушлик қилгандай бўлди, кучга тўлди. Кейин у қоя четига келди. Дарё шу жойдан бошланар эди. Пастликка шовқин солиб оқаётган дарёни томоша қилиб узоқ вақт турди. Дарёнинг жўшқин, қувончли гувиллаши бошқа овозларни босиб кетган эди. Қуёш нурлари сув устида жилваланар, пастда эса кенг ўтлоқлар ястаниб ётарди. Қизни Чўпон у ерларга ҳам олиб борган эди. Қиз атрофнинг гўзаллигини кузатиб турар экан, ички бир хотиржамлик, сокинликни туйди. Бу ҳиссиётлар қизиқувчанлик, танҳолик, интизорлик ҳисларини хаёлидан сиқиб чиқарди. Вой-Қўрқаман келажак тўғрисида асло ўйламас эди. У мана шу сокин дарада бўлса, баланд тоғ чўққисига чиқса, кифоя. Ёнгинасида ҳаёт дарёси оқиб турарди. Вой-Қўрқаман мана шу дарё қирғоғида дам олиб, узоқ саёҳатдан кейин куч йиғиб олиши мумкин эди. Кўп ўтмай, у қирғоқда ётиб, ухлаб қолди.Уйғонгач, у яна дарёда яна чўмилиб олди. Бу кун худди ширин тушга ўхшаб ўтди. Вой-Қўрқаман дам олди, чўмилди, мевалардан тановул қилди, кейин яна ухлади. Ниҳоят, соя узунлашгач, қуёш ғарбга ёнбошлади. Қорли чўққиларда олтин ранг қуёш шафағи жилваланди. Шундан кейин Вой-Қўрқаман ғорга қайтиб кирди ва хушбўй ҳидли ёпинчиқларига ўраниб олди. Бир оз вақт ўтгач, биринчи тундагидай қаттиқ уйқуга кетди. 18-боб. Кийик оёқлари Учинчи кун ҳам ўтмоқда. Эрта тонг. Ҳали ғира-шира қоронғу. Вой-Қўрқаман уйғониб кетди, сакраб оёққа турди. Унинг бутун вужуди аллақандай хурсандчиликдан титраб кетди. Қиз эшитдики, уни биров чақиряпти. Бошқа бирон тиқ этган товуш эшитилмасди, шунинг учун ҳам биров чақираётганини аниқ эшитди. У аллақандай сирли, аммо дардли овоз даъват қилаётганини эшитди. У шу ғорда уч кун аввал уйғонганидан бери шу овозни эшитади. Ёз ўз ифорини бу тун ҳам таратмоқда. Вой-Қўрқаман ташқарига чиқди. Осмонда тонг юлдузи ҳали ҳам йилтираб турар, шарқ томонда тонг аста отиб келмоқда. Ёнгинасида ёлғиз қолган қушчанинг қичқиргани эшитилди. Енгил шабада майсалар устидаги шабнамни тўкиб ўтди. Сукунат ичида шарпа яққол эшитилди. Ана, яна ўша овоз келди. Бу сафар Чўққилар томондан эшитилиб, бутун вужудига сингиб кетди. Вой-Қўрқаман сабрсизлик билан атрофга аланглади, вужудининг ҳар бир ҳужайраси шу чақириққа жавоб беришга интиларди. Юқорига — тоғ чўққиларига парвоз этиш истаги шунчалик кучли эдики, оёқларига нина санчилаётгандай туюлди. Аммо дарадан чиқадиган жой қаерда? Тоғ ён бағирлари унга ерга нисбатан перпендикуляр жойлашгандай туюлди. Атрофда дарадан чиқадиган жой кўринмасди. Шу пайтда Вой-Қўрқаман чиқадиган жойни кўзлари билан қидираётганда, унга яқинда турган қоя ортидан тоғ оҳуси пайдо бўлди. Унинг ортидан урғочиси келарди. Бу Вой-Қўрқаманнинг эсига Жароҳат қояси этакларида юз берган воқеаларни эсига солди. Ўшанда ҳам худди бугунгидай воқеа юз берган эди. Вой-Қўрқаман оҳуларни кузатиб турган эди, бир пайт улар келиб қурбонгоҳ устига чиқдилар. Кейин эркаги бир зарб билан сакраб, қоянинг туртиб чиққан жойига ўтиб олди. Кейин сакраб-сакраб тик қоядан юқорига кўтарила бошлади. Урғочи оҳу ҳам эркагининг ортидан борарди. Вой-Қўрқаман бир дақиқа ҳам иккиланиб турмади. Орадан кўз очиб юмгунча вақт ўтмасдан у тош қурбонгоҳ устига чиқиб олди. Кейин қоянинг туртиб чиққан жойига чиқди. Оҳулардан орқада қомасликка ҳаракат қилиб, Вой-Қўрқаман энг баланд чўққи сари сакраб-сакраб югуриб кетди. Олдинда эса оҳулар туёқлари тошдан тошга урилиб, худди кумуш болғачалар овозидай жаранглаб борарди. Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас учалови ҳам даранинг тепасига чиқиб олдилар. Вой-Қўрқаман ўзини чорлаётган овоз сари тоғ ён бағридан энг баланд чўққига томон олға интиларди. Шарқ томонда кўринган пушти ранг ялтироқ тусга кирди, тоғ чўққиларидаги қор ялтираб, оловга ўхшаб порларди. Вой-Қўрқаман завқланиб, тошдан тошга сакраб бораётганда, тоғ ортидан қуёш нурлари кўринди. У қудратли, улуғвор, қуёшнинг эрталабки нурларида ажойиб кўриниб, тоғ чўққисининг энг юқорисида турар эди. У қиз томонга қўлларини чўзди ва чин юракдан қаҳқаҳлаб қизни чорлади«Энди сенда оҳунинг оёқлари бор. Сакра бу ерга!» Қиз охирги марта катта одим ташлаб сакради ва Чўпоннинг қўлларидан ушлади-да, энг баланд чўққига чиқиб олди. Уларнинг тўрт томонида миноралар сингари қорли тоғ чўққилари юксалиб турарди. Чўққилар булутлар орасига кириб йўқолиб қоларди. Чўпоннинг эгнида шоҳларнинг либоси, бошида тож бор эди. Вой-Қўрқаман Чўпонни худди шу либосларда илгари ҳам кўрган эди. Ўшанда Чўпон қизни олтиндан ясалган Севги қурбонгоҳига олиб чиққанди. Аммо ўшанда Унинг қиёфаси улуғворлик ва тантанавор вазиятдан жуда жиддийлашган эди. Ҳозир эса қувончдан нур сочиб турарди. Вой-Қўрқаман Унинг олдига тиз чўкди. «Ниҳоят, етиб келдинг, — деди Чўпон. — Ниҳоят, Чўққиларга келдинг, йиғи кечаси ўтди, эрталаб қувонч ҳукмрон бўлди». Сўнгра У қизни қўлтиғидан кўтариб турғазди ва гапида давом этди: «Сен ваъда қилинганларни оладиган вақт келди. Энди Мен сени ҳеч қачон Вой-Қўрқаман деб атамайман». У шундай деб кулиб юборди: «Мен унинг янги исмини ёзаман. Унинг Эгаси исмини, «Парвадигори Олам нур ва қалқондир. Эгам мурувват ва шараф кўрсатади. У Ўз йўлидан юрадиганлардан ва бегуноҳлардан ўз марҳаматини дариғ тутмайди» (Забур 83:12). «Мана сенинг янги исминг, — деб баланд овозда эълон қилди У. — Сен бугундан бошлаб Мурувват ва Шараф деб аталасан». Қиз ҳамон ҳайратланиб турар ва бир сўз дея олмас, қувончдан, миннатдорчиликдан, эҳтиромдан, ҳайронликдан ўзини йўқотиб қўйган эди. Кейин Чўпон яна гапида давом этди: «Энди — Севги гули ва у гуллаганда сенинг севгингга жавобан сени севиб қоладилар, деган ваъдам тўғрисида айтай». Мурувват ва Шараф Чўққига чиққандан буён биринчи марта сўзлашга оғиз очди: «Раббим, Шоҳим, — дея гап бошлади у, — юрагимда Севги гули гуллаётгани йўқ, у юрагимда эмас. У Сенинг амринг билан ёқиб юборилди ва қурбонгоҳда кулга айланди». «Севги гули йўқ? — такрорлади Чўпон ва яна меҳрибонлик ва мамнуният билан кулди, бу кулги қизга чидаб бўлмайдиган даражада таъсир этди. — Бу ғалати-ку, Мурувват ва Шараф. Ундай бўлса, сен бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг? Сен ҳозир Чўқкиларда — Севги Шоҳлигининг ўзидасан. Юрагингни оч, унда нима борлигини кўрамиз». Қиз Унинг гапига қулоқ солиб, юрагини очиб кўрсатди, шу зоҳоти атрофга муаттар ҳид таралиб кетди. Юрагида оппоқ гуллар билан қопланган, гулларининг кўплигидан на шаклини, на қандай ўсимлик эканини билиб бўлмайдиган бир ўт бор эди. Ана шундан атрофга ширин бир хушбўй ҳид тараларди. Мурувват ва Шараф минннатдорчилик билан чуқур нафас олди. «Раббим! Шоҳим! Бу юрагимда қаердан пайдо бўлиб қолибди экан?» — дея хитоб қилиб сўради. «Уни сенинг юрагингга Мен солиб қўйдим, — деди Чўпон. — Сен буни эслайсан, деб ўйлайман. Ёдингдами, Хўрлик водийсида қўйлар сув ичадиган қудуқ ёнида сен Менга, сиз билан бирга кетаман, деб ваъда берган эдинг. Бу гул ўша тиконга ўхшаш уруғдан ўсиб чиққан». «Раббим! Ундай бўлса, руҳоний менинг юрагимдан нимани юлиб ташлади экан? Ахир, у мени қурбонгоҳга боғлаб, юрагимдан илдизни юлиб ташлади-ку!» «Эсингдами, Мурувват ва Шараф, сен ўша ҳовуз бўйида юрагингга қараган эдинг. У ерда Менинг севгим йўқ эди, фақат Севилиш учун интилиш номли ўсимлик бор эди, холос». Қиз ўйланиб қолди. «Бу табиий инсон севгиси эди. Мен уни юрагингдан юлиб ташладим. Агарда уни юлиб ташламаганимда эди, чинакам Севги ривожланмас эди. Шунинг учун Мен уни илдизи билан юрагингдан суғуриб ташладим». «Сен уни юлиб ташладинг?! — такрорлади қиз ҳайрон бўлиб. — О Раббим, Шоҳим! Бундан чиқди, ўша руҳоний Сен экансан-да. Сен ҳар доим менинг ёнимда бўлдингми? Мен эса, Чўпон мени бутунлай тарк этиб кетди, деб ўйлаб юрибман». Чўпон бошини эгди. Қиз Унинг қўлларидан ушлади. Чўпоннинг қўлларида яра-чақа ва чандиқ излари бор эди. Кучли, бақувват қўллар қизнинг юрагидаги азоблар, дардлар сабабчиси бўлган ўша севгини илдизи билан қўпориб юлиб олди. Қиз бу қўлларни ўпиб, кўз ёшлари билан ювди. «Энди ўша ваъдам тўғрисида яна айтай, — деди Чўпон. — Эсингда бўлса, Мен сенга, юрагингда севги гули гуллаганда, сен ҳам севиласан, деган эдим». Чўпон қизнинг қўлларидан ушлаб, деди: «Мен сенга севгимни изҳор айладим, сен Меникисан… Ҳа…Мен сени абадий севгим билан севдим ва шунинг учун ҳам мурувватимдан сени баҳраманд қилдим» (Ерм. 31:3). Шундан кейин Чўпон яна давом этди: «Менга эсдалик тошлари солинган халтангни бер». Қиз саёҳат давомида йўлда териб олган тошлар солинган халтасини Чўпонга узатди. Чўпон, қўлингни оч, дегандай имо қилди. Қиз қўлини очган эди, Чўпон халтадаги тошларни қизнинг қўлларига тўкди. Қиз ҳайратланиб, оғзи очилиб қолди. Унинг қўлларида оддий ғадир-будир тошлар ўрнига бир уюм ажойиб қимматбаҳо тошлар ётарди. Мурувват ва Шараф қимматбаҳо тошларнинг ялтираб товланишидан кўзлари қамашиб турар экан, Чўпоннинг қўлида тоза олтиндан ясалган чамбар кўрди. «Бечора, бўронларда қолиб кетган, раҳм-шафқат топмаган! — деди Чўпон. — Мана, мен тошларни қўйяпман…» Олдин У қизнинг кафтидан энг катта қимматбаҳо ва чиройли тошни олди — бу тош сафсар тош эди. Чўпон тошни олтин чамбарнинг ўртасига қўйди. Кейин оловдай нур сочиб турган қизғиш ёқутни олди ва чамбарнинг бир томонига уни, иккинчи томонига зумрадни ўрнатди. Кейин Чўпон қолган тошларни ҳам олиб, чамбарга ўрнатди ва чамбарни қизнинг бошига кийдирди. Шу дақиқаларда Мурувват ва Шараф бўрондан яшириниб кирган ғорни эслади. Ўшанда у бу тошларни кераксиз деб ўйлаб ташлаб югуриб кетмоқчи бўлган эди. Энди эса ўша тошларнинг товланиб туришидан кўзлари қамашиб турарди. Ўшанда тошларни ташлаб юбормасликка ундаган сўзларни эслади: «Қўлингдагини маҳкамроқ ушла, чунки уни биров ўғирлаб кетиши мумкин». Тасаввур қилинг-а, агар қиз Чўпоннинг ваъдаларига ишонмасдан бу тошларни ташлаб юборганда, нима бўларди? Унинг хоҳиш-иродасига итоат этиш қароридан ҳам воз кечган бўларди, қимматбаҳо тошлар ҳам бўлмасди. У шундай чиройли тошлар ўрнатилган чамбарга ҳам эга бўла олмасди. Қиз Чўпоннинг олийжаноблигига, севгисига, меҳрибончилигига, бардошлилигига лол қоларди. Чўпоннинг ана шу фазилатлари унга йўл кўрсатди, яхши-ёмонни ажратишга ўргатди, уни душманлардан ҳимоя қилди, бечора оқсоқ қизни бутун йўл бўйи асради. Мана шу олийжаноб фазилатлар Вой-Кўрқаманни орқага қайтишига йўл қўймади. Энди эса шу фазилатлар Чўпоннинг синовларини шарафлади. Чўпон яна жилмайиб гап бошлади, энди Унинг юзидаги шод-хуррамлик олдингидан ҳам барқ уриб турарди. «Эшит, эй қиз, қара, қулоғингни тут, халқингни унут, ота хонадонингни унут. Шоҳ сенинг гўзаллигингни истайди. Чунки У Сенинг Раббингдир, Унга таъзим қил <…> Шоҳ қизи шон-шарафга бурканган, либослари олтин билан тикилган; ялтироқ кийимда у Шоҳ олдига олиб борилади. Унинг ортидан сен томонга қизлар олиб борилади, унинг дугоналари Қувонч ва Шодлик ҳамроҳлигида Шоҳ кўшкига олиб кирилади» (Забур 44:11, 12; 14-16). Кейин У қўшиб қўйди: «Энди сен Мен билан бирга шу ерда — Чўққиларда яшайсан, мен билан бирга сайр қиласан, Мен билан бирга пастда — водийда меҳнат қиласан. Шунинг учун Мурувват ва Шараф , сенга канизаклар, дугоналар керак. Мен сенинг олдингга ҳозир уларни олиб келаман». Вой-Қўрқаман бу гапларни эшитиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. У садоқатли ҳамроҳлари Қайғу билан Ғамни эслади. Айнан уларнинг ёрдами, юмшоқ муомаласи, бардошлилиги туфайли қиз тоғлардаги Чўққиларга чиқишга муваффақ бўлди. У Шоҳи ва Раббийси билан бўлган пайтда ҳам, ўзига янги ном берилганда ҳам, бошига қувонч ва шараф чамбарини кияётганда ҳам шулар тўғрисида ўйлади. Улар билан бирга бўлишни, қувончига шерик бўлишларини чин дилдан хоҳлади. Нега энди ҳаммаси унинг бир ўзига бўлиши керак?! Улар ҳам худди шу йўлни босиб ўтдилар, қизни қўллаб-қувватладилар, ёрдам бердилар. Вой-Қўрқаман билан елкама-елка туриб барча синовларга, душманларнинг ҳужумларига дош бердилар. Мана энди Вой-Қўрқаман Чўққиларда, улар эса йўқ. У энди ўзининг биринчи илтимосини айтиш учун оғиз жуфтлади. Қиз Раббийдан, ўша ҳамроҳларимни ёнимда қолдирсанг, деб илтимос қилмоқчи эди. Ахир, қизни улар Чўққиларга олиб келдилар-ку! Қиз бир сўз айтиб улгурмасидан, Чўпон кулиб деди: «Мана Мен сен учун танлаган хизматкорлар, Мурувват ва Шараф, ҳозирдан бошлаб улар сенинг ҳамроҳларингдир». Қизнинг ёнида юзларидан нур сочиб турган иккита аёл келди. Уларнинг қордек оппоқ кийимлари тонгги қуёш нурларида товланиб турарди. Шунинг учун ҳам уларнинг қиёфаси кўзни қамаштирарди. Мурувват ва Шарафдан кўра улар бақувват, бўйлари ҳам баландроқ эди. Аммо уларнинг гўзаллиги ва нур сочиб турган кўзлари қизни мафтун қилди. Қиз чексиз қувонч ва завқдан титрарди. Улар Мурувват ва Шарафнинг ёнига юзларида шод-хуррамлик билан келдилар, аммо бир сўз ҳам демадилар. «Сизлар кимсизлар? — юмшоқлик билан сўради Мурувват ва Шараф. — Исмларингизни айтмайсизларми?» Улар жавоб бериш ўрнига жилмайиб бир-бирларига қарадилар. Кейин худди унинг қўлларидан ушламоқчи бўлгандай ҳаракат қилдилар. Бу ҳаракатлар қизга жуда таниш эди. Мурувват ва Шараф хурсандликдан бақириб юборди: «Ахир булар Қайғу билан Азоб-ку! О сизларни кўрганимдан жуда хурсандман! Мен сизларни топиб олишни ниҳоятда орзу қилдим». Улар «йўқ» дегандай бошларини тебратдилар. «Йўқ! Йўқ! — кулди улар. — Сен Вой-Қўрқаман бўлганингдай, биз ҳам ўша Қайғу билан Азобмиз. Чўққиларга келганларнинг ҳаммаси ўзгаради-ку, шуни билмасмидинг? Сен бизни бу ерга олиб келганинг учун, биз Қувонч ва Тинчликка айландик». «Сизларни бу ерга мен олиб келдим?! — хитоб қилди Мурувват ва Шараф. — Ғалати гапларни гапиряпсизлар-ку! Ахир, мени сизлар судрагандай қилиб бу ерга олиб келдингизлар-ку! Биринчи кундан бошлаб охирги кунгача мен билан бирга бўлдингизлар-ку!» Улар яна жилмайиб, бошларини тебратдилар: «Йўқ, биз ўзимиз ҳеч қачон бу ерга етиб кела олмасдик, Мурувват ва Шараф. Азоб билан Қайғу ҳеч қачон Севги Шоҳлигига кириб кела олмаган бўлардилар. Аммо ҳар сафар сен бизни қабул қилганингда, қўлингдан ушлашимизга ижозат берганингда, биз ўзгариб борар эдик. Агар орқага қайтиб кетганингда ёки бизнинг ёрдамимизни инкор қилганингда, икки дунёда ҳам бу Чўққиларга чиқа олмас эдик». Улар бир-бирларига қараб, майин табассум қилдилар-да, гапда давом қилдилар: «Биз сени биринчи марта кўрганимизда, жуда хафа бўлдик. Худди сен бизга, вой-қўрқаман, деб айтаётгандай бўлдинг. Сен биздан ўзингни четга тортардинг, бизнинг ёрдамимизни қабул қилмасдинг. Иккаламиздан қайси биримиз Чўққиларга етиб келишимиз амри маҳол эди. Биз энди абадулабад Азоб ва Қайғу бўлиб қоламиз, деб ўйлаган эдик. Аммо кўриб турганингдай, Раббимиз ва Шоҳимизнинг марҳамати билан сен бизни бу ерларга олиб келдинг. Энди биз доимо сенинг ҳамроҳларинг ва дўстларинг бўлиб қоламиз». Улар шу гапларни айтиб қизнинг ёнига келдилару уни қучоқлаб олдилар. Учалови бир-бирини сўз билан таърифлаб бўлмайдиган меҳр, шодлик, миннатдорлик билан қучоқлаб ўпа кетдилар. Шундай қилиб, янги исм олган, шон-шарафдан бошига чамбар кийиб олган Мурувват ва Шараф Шоҳи ва ҳамроҳлари — дўстлари ёрдами билан Чўққиларга етиб келиб, Севги Шоҳлигига кирди. 19-боб. Чўққилар Мурувват ва Шараф бир неча ҳафта ҳамроҳлари Қувонч ва Тинчлик билан тепаликда қолди. Учалови бу чўққиларни ўрганиб чиқишди ва Шоҳ уларга ўргатган бир нечта сабоқни ўзлаштириб олдилар. Унинг Ўзи саёҳатчиларни турли жойларга олиб борди. Улар англаш мумкин бўлган нарсаларни тушундилар. Шунингдек, Чўпон уларни бу тоғларни мустақил ўрганишга руҳлантирди, чунки бу баланд Чўққиларда йўловчиларни доимо ажойиб янгиликлар кутади. Чўққиларнинг энг баланди ҳали бу эмас эди. Бошқалари ўз Чўққилари билан осмонга етиб, бу Чўққилар устида виқор билан турардилар. Бу Чўққиларни оддий одам кўзлари билан кўра олмасди. У ерларга фақат зиёратни ниҳоясига етказган инсонларгина етиб боришлари мумкин. Мурувват ва Шараф дўстлари билан Севги Шоҳлигининг пастки ён бағирларида жойлашган эди. Бу жой янги келганлар учун мўлжалланган. Улар бу жойда маза қилиб яшашлари, ўрганишлари мумкин. Шу тоғ Чўққиларидан пастдаги водийни ҳам кузатса бўлади. Илгари уларга ноаниқ, тушунарсиз бўлган кўп нарсаларнинг маъниси бу янги баланд Чўққиларда аниқлашганди. Пастда туриб кўп нарсани кўриб бўлмайди. Энди юқоридан туриб кўп нарсани кўриш ва тушуниш мумкин бўлди. Аммо бу Севги Чўққиларининг ён бағирларида улар тушуниб етмаган биргина нарса шу бўлди: кейинги сафар Шоҳ уларни яна ҳам баландроқ Чўққиларга олиб чиққанда, улар кўп нарсаларни кўришлари, билишлари ва тушунишлари лозим эди. Улар ҳозир ҳузур қилиб томоша қилаётганлари ўша улуғ бир манзарани юқоридан қараб кашф қилиш мумкин бўлган манзара билан сира солиштириб бўлмасди. Бу тоғлардан бошқа тоғлар ҳам борлигини энди улар аниқ билардилар. Мурувват ва Шараф пастда — водийда яшаганда, ўша тоғлар тўғрисида асло тасаввурга эга эмас эди. Баъзан Мурувват ва Шараф Севги Шоҳлигининг мана шу энг пастки ён бағирларидан кўринадиган манзарасини томоша қилар экан, уятдан қизариб кетарди. У водийдаги баъзи бир одамларнинг, қолаверса ўзининг ҳам Чўққилар ва Ҳақиқат тоғи тизмалари тўғрисидаги ақидапарастликларини эсларди. Улар ўшанда кўп одамларга ўхшаб қанча нарсаларни кўра олмаган эканлар. Улар ўзларининг тор дунёси чегараларидан ташқарида нималар юз бераётганини билмаганлар, ҳаттоки ўйлаб ҳам кўрмаганлар. У энди Чўққилардан туриб ҳам кенг, ажойиб манзаранинг бир бўлакчасини кўриб турганини англаб етди. У Севги Шоҳлигининг ён бағирларини янги нуқтаи назар билан томоша қилишдан чарчамади. Қиз ўзи кўраётган нарсаларнинг маъносини тушуниб етаётганидан ўзини енгил сезар, баъзида қувонганидан, миннатдорлик туйғусидан сархуш бўлгандай ҳис қиларди ўзини. Унга пастдан қоронғу ва даҳшатли бўлиб туюлган нарсалар энди ажойиб, улуғ борлиқнинг бир қисми бўлиб кўринарди. Ҳаммаси шунчалик ўзгарган, шунчалик бошқача тус олган эдики, буларнинг ҳақиқий манзарасини кўриб, шунчалар тентак ва кўр бўлганидан ҳайрон қолар эди. Шуларнинг бариси ҳақида унда ёлғон тасаввурлар бўлган экан! Қиз ҳақиқатни китоблардан ёки ёзилганлардангина билиб бўлмаслигини тушуниб етган эди. Ҳақиқатни инсон ўзининг онги, ўткир зеҳни билангина билиб олиши мумкин. Инсон ҳаттоки ақлий ва маънавий жиҳатдан паст табақа даврасида ёки тоғдаги қабрнинг нариги томонида яшаганда ҳам, «Китобларнинг китоби»да ёзилган нарсалар нотўғри тушунилиши мумкин. Юқорида — Севги Шоҳлигида бўлганларнинг биронтаси у ерда кўрганлари ҳақида узил-кесил фикр юрита олмаслигини у англаб етди. Чунки шунча гўзал, ажойиб борлиқнинг қандайдир кичик бир қисмини кўра олишини энди тушуниб етди. Фақат ҳайратдан, миннатдорчиликдан лол қолганидан энтикиб, бутун вужуди билан янада юқорироққа кўтарилишини, кўпроқ нарсани кўришини, тушунишини орзу қилиши мумкин. Бошни айлантирадиган бу манзарага узоқ вақт қараб туриш имкони йўқ. Бу манзаранинг улуғвор, чексиз моҳиятини қамраб олиб бўлмасди. У ушбу манзарани томоша қилар экан, юраги хоҳишини сўқир одамнинг Худога қилган илтижосига ўхшатди. Бу ҳолатни тахминан мана шундай ифодалаш мумкин: «Раббим! Ёрдам бер, токи кўзим очилсин. Ёрдам бер, токи дунёни янада кўпроқ кўра олайин. Менга шундай қобилият ато қилгинки, яна ҳам кўп нарсани тушуна олайин». Яна бир нарса унда тасвирлаб бўлмас қувонч ҳиссини пайдо қилган эди: бу Шоҳ билан бўлаётган доимий мулоқотлар эди. Шоҳ қаерга бормасин, ҳамма жойда ўзи билан Қувончни, Тинчликни ва Мурувват ва Шарафни ҳам бирга олиб борарди. Қиз Унинг ортидан кийик оёқлар сингари чаққон оёқлари билан сакраб, шўх-шодон борадиган бўлди. Аммо Шоҳ куч-қудратини аяётганини, бунинг учун йўлнинг осонроғини танлашини Мурувват ва Шараф тез орада билиб олди. Шоҳ ҳамроҳларининг кучи етадиган ҳаракатларнигина бажарар, фақат улар юра оладиган жойлардангина юрар эди. Уларнинг қобилияти ҳали чекланганини ҳисобга олиб Шоҳ олийжаноблик билан уларга қараб одим ташларди. Йўловчилар қувончдан сакраб борар эканлар, агар Шоҳ бор кучидан фойдаланса, Ундан орқада қолиб кетишлари мумкинлиги тўғрисида улар ўйламагандилар. Бутун умри давомида оқсоқланиб, қоқилиб юрган Мурувват ва Шараф қоядан қояга оҳуга ўхшаб енгил сакраб юришдан чексиз завқ-шавқ туярди. У ҳатто нафасини ростлаб олиш учун тўхташни истамасди. Шоҳ ҳам унинг интилишини мақтар, уни янада кўпроқ сакрашга ундар эди. У қизни узоққа ва янада олдинга бошлар, одимлари эса янада дадиллашиб борарди. Охири, қиз чарчаб, нафаси тиқилиб қоларди. Шунда шоҳ уни бирон қояга олиб келар ва улар ёнма-ён ўтириб дам олишарди. Дам олиб ўтирганларида, у қизга, анови манзарага қара, аммо янгича кўз билан қарагин, деб маслаҳат берарди. Бир куни улар Чўққиларда бир неча кун бўлганларидан кейин, Шоҳ қизни замбуруғлар ўсиб ётган қояга олиб келди. Қиз ерга ётиб олиб, кулгидан нафаси тиқилгудай бўлиб: «Ҳатто кийик оёқларига ҳам вақти-вақти билан дам бериш керак», деди. «Қани айт-чи, Мурувват ва Шараф, — деди Шоҳ, — Мен қандай қилиб оёқларингни оҳуникидай қилганимни, сени шу Чўққиларга олиб келганимни тушуниб етдингми ёки йўқми?» Қиз Унга яқинроқ келиб, Унинг кўзларига жиддий боқиб сўради: «Сен буни қандай адо этдинг-а, эй Раббим, Шоҳим?» Хаёлингда ўша саёҳатингни тасаввур қил, кўз олдингга келтир, — жавоб берди Шоҳ. — Сен йўлда қандай сабоқни ўзлаштирган эдинг?» Қиз бир муддат сукутда қолиб, бутун саёҳати давомида юз берганларни кўз олдига келтирди. Саёҳат унга шундай узун туюлдики, саёҳат давомидаги баъзи кунлар унга анча машаққатли бўлиб кўринди. У йўл давомида қурган қурбонгоҳларни эслади. Чўпон билан ҳовуз бўйида биринчи марта бўлиб ўтган учрашувни, Чўпон уни Чўққиларга чорлаганини эслади. Яна қандай қилиб саёҳатга чиққанини, биринчи марта Азоб ва Қайғу билан учрашганларини, уларнинг ёрдамини қабул қилишни ўрганганини хаёлига келтирди. Қандай қилиб Чўққилардан узоқлашиб саҳрога бориб қолганини ва бундан руҳан тушкунликка тушганини ёдга олди. Ҳамма кўрганлари худди лентадай бирма-бир кўз олдидан ўтаверди. Кейин хаёлан Танҳолик денгизи қирғоқларига кўчди. Кимсасиз қўлтиқни, унинг лиммо-лим сувга тўлганини эслади. Кейин сўқмоқ Чўққилар томонга эмас, саҳрога бурилганда орзуларининг барбод бўлгани, бунинг азоби, саҳрода бошидан ўтганлари… Қандай қилиб тўлқин қайтаргичда юрганларини, водийлардан, ўрмонлардан ўтганларини хотиридан чиқармаган эди. У хаёлан Жароҳат қоясига, Хавотир ва Қайғу ўрмонларига, шиддатли бўронга дуч келиб, кулбада бўрондан беркиниб ўтирган вақтларига қайтди. Сўнг бирдан чек-чегараси йўқ туман эсига тушди. Кейин Йўқотишлар водийсига кетган сўқмоқ йўлдаги қўрқинчли дақиқалар… Ортга қайтмоқчи бўлганда хаёлига келган ваҳималар… Қиз Йўқотишлар водийсига тушган пайтларини эслади. Ўша ерда Мурувват ва Шараф хотиржам, осойишта бўлган эди. Қиз Йўқотишлар водийсидан арқон йўл орқали Чўққиларга саёҳатини давом эттирганди. Яна хаёлига уни дафн қилишга бўлган тайёргарлик келди. Кейин охирги кўтарилиш пайтидаги машаққатли, сув тошқинидан паноҳ бўлган ғор… ҳамма ваъдаларни унут деган васваса… Шундан кейин Марра номли булоқ ва ниҳоят, тоғлар орасидаги зулматга чўмган қабр … ўша ерда қурбонлик қилинадиган жойга у боғлаб қўйилганди. Қиз бу саёҳатга отланаётиб, бошидан нималар ўтишини, бу ғалати саёҳатнинг ниҳоясида уни нималар кутиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаган экан. Мана шуларни миннатдорлик ва ҳайрат билан эслаб анча пайтгача жим қолди. Охири, қиз Шоҳнинг қўлларидан ушлаб, мулойимлик билан деди: «Раббим, мен нималарни ўрганганимни Сенга айтиб бераман». «Айт», — деди У жилмайиб. «Биринчидан, Сен менинг йўлимда юборадиган барча нарсани мен мамнуният билан қабул қилишим кераклигини англаб етдим. Мен юрадиган сўқмоқ йўл қаерга ва нимага олиб келмасин, бошимга тушганларни қабул қилишим, қочиб қутулишга ҳаракат қилмаслигим керак экан. Барчасини қабул қилиб, иродангни қурбонгоҳга қўйганинг яхшироқ бўлиб, шундай деб айтишинг керак экан: Мана, қара, бу мен — Сенинг кичкина хизматкоринг Қувонч билан Қабул қилувчиман». Шоҳ ҳеч нарса демасдан, бошини қимирлатиб қўйди. Қиз гапида давом этди: «Бошқалар менга етказадиган оғриқларга мардона бардош беришни ўргандим. Бу оғриқни ҳеч оғринмасдан, аччиқланмасдан қабул қилиш ва Сенга: «Мана, қара, бу мен — Сенинг кичкина хизматкоринг Севги билан Бардошлиман» деб айтишим керак экан. Мен яна ёвузликдан эзгуликни ажратиб олишни тушундим». Шоҳ яна бошини силкиди. Қиз жилмайди, у олдингидан ҳам бахтли ва шод эди. «Учинчидан, Сен менинг Раббимсан, мени ҳеч қачон оқсоқ, заиф, қўрқоқ деб ҳисобламагансан, қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилгансан. Сен ваъдаларингни бажариб, мени Чўққиларга олиб чиққанингда, қандай бўлсам шундай кўрдинг. Энди мен тўғримда шундай деб айтиш мумкин: «Сен каби шоҳга осонликча ва улуғворлик билан юрадиган ҳеч ким йўқдир». Сен ҳар доим менга меҳр-муҳаббатли ва мурувватли бўлдинг. Менга заиф, кичкина Вой-Қўрқамандай эмас, балки маликалардай муносабатда бўлдинг». Қиз шу гапларни айтиб Унга узоқ вақт тикилиб қолди, бошқа бирон сўз айтиш учун тили калимага келмади. Ниҳоят, шундай деди: «Раббим! Мен ҳам бошқаларга худди Сен каби қарашни ҳоҳлашимни ҳатто сўз билан тасвирлаб ҳам бера олмайман». Шу пайт Шоҳ жилмайган эди, Унинг чеҳраси ёришди, аммо бирон гап айтмасдан, фақат бошини силкитиб қўйиб, қиз гапини давом эттиришини кутди, холос. «Тўртинчидан, — деди Мурувват ва Шараф, — мана буниси ўрганганларимнинг биринчиси бўлса керак, ҳар қандай даҳшатли, бузуқ, нотўғри талқин қилинган ҳодисага ҳам меҳр-муҳаббат билан қаралса, у ўзгаради. Раббим, шунинг учун ўйлашимча, Сен атайлаб бизни ёмон одамларга, ёвузликларга рўпара қиласан. Сен уларни ўзгартиришни хоҳлайсан, Эҳтимол, шу сабабдан биз гуноҳларга, қайғуга, алам ва ғамларга, ёвузликка тўла дунёда яшаймиз, биз улардан абадий яшовчан гўзал сифатлар яратишимиз керак. Ёвузликка бас келишнинг ягона ва чиндан мақтовга арзигулик нарсаси йўқдир. Ёвузликни боғлаб бўлмайди, уни эзгулик билан енгиш лозим». Ниҳоят, Шоҳ гап бошлади: «Мурувват ва Шараф, сен буларни жуда яхши ўрганибсан. Мен ҳозир баъзи бир нарсаларни қўшимча қилмоқчиман. Ўзинг ўзлаштириб олган сабоқларнинг оқсоқ, заиф Вой-Қўрқаманни кийик оёқли Мурувват ва Шарафга айлантириш учун Менга ёрдам берди. Энди Мен қаерга бормай, сен ортимдан бора оласан. Энди биз ҳеч қачон ажралмаслигимиз керак. Шунинг учун сен қуйидагиларни доимо ёдингда тут: сен Қувонч билан қабул қилувчи ва Севги билан Бардош бера оладиган экансан, сен ҳеч қачон ногирон бўлмайсан. Мен сени қаёққа бошламай, шу ёққа бора оласан. Сен Мен билан водийга бориб, у ерда меҳнат қила оласан. Чунки айнан ўша ерда ёвузлик, даҳшат бор. Айнан ўшаларни мағлуб қилиш, ўзгартириш лозим Сен Севги қонунини қабул қил, унга итоат эт. Шунда ҳеч нарса сенинг кийик оёқларингни майиб қила олмайди, сени Мендан ҳеч нарса ажрата олмайди. Шуни билиб қўйки, Мурувват ва Шараф, Чўққиларнинг сири ана шудир, бутун коинотнинг ажойиб ва гўзал қонуни шудир. Айни шу қонун Осмон Чўққиларига нур таратувчи қувончини улашади». Шоҳ шу гапларни айтиб, тик турди, қизни ҳам турғазди. Кейин шундай деди: «Қани, энди кийик оёқларингни ишга сол-чи. Мен сени тоғнинг нариги томонига олиб бораман». «Тоғлар оша югуриб, тепаликлар оша сакраб» Шоҳ узоқлаша бошлади. Мурувват ва Шараф ҳам Унинг ортидан югуриб кетди. Сарвқомат Тинчлик билан Қувонч ҳам қиз билан ёнма-ён югуриб кетдилар. Мурувват ва Шараф югуриб борар экан, мана бу қўшиқни куйлаб кетди: Юрагингга мени муҳрлаб қўйгин, Севгинг сенинг ўлимдан ҳам кучли. Ҳар бир ҳужайрам ила сезишим керак Оловингни, аланганг тилини. Мен Сенинг қўлингда мум мисоли, Юрагимга муҳрлаганман Сени.Олгин мени Муҳр каби қўлингга, Севгинг Сенинг — ўлим ва ҳаёт, Севгинг тумани учсин кўкка, Хоҳлайман оловингда ёнишни. Рашкинг Сенинг худди аланга, Куйдир барча бегона туйғуларни.Севгини сув ўчира олмас, Орзуларим, барала ёнинг. Ёмғир жала каби қуйилар, Аммо эза олмас севгимни Севги оловида, чин севги-ла Севгингни Муҳрдай қабул қилиш-чун. 20-боб. Водийга қайтиш Севги Шоҳи уларни бошлаб келган жой Чўққилар орасидаги гўзал бир водий экан. Кўздан нари бўлган бу жой боғу роғлар, полизлару узумзорлардан иборат экан. Бу ерда ноёб гўзалликка эга нилуфар ва бошқа турли ажойиб гуллар ўсар экан. Шунингдек, водийда хушбўй ҳидли буталар, мевали дарахтлар жуда кўп эди. Бодом, ёнғоқ ва илгари Мурувват ва Шараф умрида кўрмаган бошқа ёнғоқ турлари ўсиб ётарди. Шоҳнинг боғбонлари доимо иш устида — қуриган шохларни кесадилар, гулларни, токларни парвариш қиладилар, кўчат экишга тайёргарлик кўрадилар ва экадилар. Бу кўчатларни Шоҳнинг Ўзи пастдаги водийнинг камҳосил ерларидан олиб келган эди. Кўчатлар бу ерда кучга тўлиб яйраб ўссин, деган мақсадда ўтқазиларди. Сўнг уларни Севги Шоҳлигининг бошқа жойларида безак бўлиб турсин, гўзаллик бахш этсин, деб кўчириб ўтқазардилар. Саёҳатчиларимиз сеҳрли бир неча кунни Шоҳнинг боғбонлари ишини кузатиб ўтказдилар. Шоҳ боғбонларга маслаҳат бериш, токни қандай парвариш қилишни ўргатиш учун борганда, саёҳатчилар ҳам У билан бирга боришарди. Бир куни Мурувват ва Шараф ҳамроҳлари билан водийнинг охиригача борди. Чўққиларнинг охири шу ерда эканини саёҳатчилар тушундилар. Бу ердан туриб пастликни бемалол кузатиш мумкин эди. Улар турган жойдан икки тоғ тизмаси оралиғидаги яшил водий кўриниб турарди. Водий ўртасидан оқиб ўтадиган дарё юқоридан илон изи бўлиб кўринади. У ер-бу ерда тоғлар билан ўралган қишлоқлар жигарранг ва қизғиш оролчаларни ҳосил қилгандай бўлиб кўринади. Тўсатдан Мурувват ва Шарафнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У бу водийни таниди. Бу Хўрлик водийси бўлиб, Мурувват ва Шараф у ерда аянчли ҳаёт кечирган, Чўпон ўша ердан уни Чўққилар сари чорлаган эди. Қиз лом-мим демай, майсалар устига ўтирди. У водийдан кўзини узмай ўтирар экан, у ерда кечирган ҳаёти бирма-бир кўз олдидан ўтаверди: ўзи истиқомат қилган кичкинагина оқ уй, Чўпоннинг подаси ўтлайдиган ям-яшил яйлов, қўй қўтонлари, улар сув ичадиган дарёча. Шу дарёча бўйида қиз биринчи марта Чўпон билан учрашган эди. Бу водийда унинг дўстлари бор эди, улар билан бахтиёр эди, шодон ҳаёт кечирарди. Водийда Мурувват ва Шарафнинг бошқа таниш-билишлари бор эди. Қишлоқ четида Мурувват ва Шарафнинг холаси Шумхабарнинг кулбаси бор эди. Холаваччалари Қовоғисолиқ, Жаҳлдор ва Қўрқув билан бирга Мурувват ва Шарафнинг бахтсиз болалиги ўтган эди. Уларнинг аянчли ҳаётини эслаганда, қизнинг юраги орқасига тортиб кетарди. Бечора Шумхабар хола! Қизларининг бахтсизлигидан юраги тўкилиб адо бўлганини яширишга қанчалар ҳаракат қиларди. Арзанда ўғлининг хулқи нобоплигидан қанчалар азоб чекарди. Мурувват ва Шараф бошқа қариндошларининг уйларини ҳам кўрди. Ана, шарти кетиб пати қолган Жаноб Қўрқоқнинг уйи. Уни яқинлашиб қолган ўлим шарпаси ва ўз ҳукмронлигини йўқотгани доимо хавотирга солади. Ановиси эса Такаббурнинг уйи, унинг уйи ёнидагиси эса Аччиқ билан Ранжнинг уйлари. Анови шохлари тарвақайлаган дарахтларнинг тагида бахтиқаро Афсус умргузаронлик қилади. Қиз Чўққиларга саёҳат давомида безор қилган одамларнинг уйларини кўрди. Уларнинг уйлари ёнида водийдаги бошқа оддий одамларнинг уйлари ҳам бор эди. Улар Чўпонни кўра олмайдиган ёки умуман Ундан юз ўгирганлар эди. Мурувват ва Шараф пастдаги водийни кузатиб узоқ ўтирди ва бир пайт кўзларига ёш келди, юрагида санчиқ турди. Водийда яшайдиганлар ва қариндошларига нисбатан ўзининг ҳис-туйғулари тамомила ўзгарганини сезди. Тез орада у ҳамма нарсани ўзгача кўз билан кўрадиган бўлди. Илгари у қариндошларини хавфли душман деб ҳисобларди, энди эса улар бахтсиз, бечора мавжудотлар эканини англаб етди. Қачонлардир ўзи ҳам худди уларга ўхшаган эди-ку. Қариндошларининг турли-туман гуноҳлари, феъл-атворидаги иллатлар қизга, бир пайтлар Қўрқувлар қўрқитиб азоб бергани сингари, азоб берарди. Қариндошларнинг табиати исмларига мос бўлиб, ночор қуллар бўлиб ўсдилар. Қариндошларининг хулқ-атвори шафқатсиз бўлгани сари, ўзлари шунчалик кўп азоб чекардилар, меҳр-шафқатга улар шунчалик зор эдилар. Шунча йил давомида улардан фақат қўрқиб эмас, балки уларни айблаб, қоралаб яшагани тўғрисидаги фикрга қиз тоқат қила олмасди. У қариндошларини жуда ёмон кўрарди ва барча бахтсизликларида уларни айблар эди. Ҳа, уларни ёмон кўрадиган ва Қўрқувлар туфайли эзилиб яшаётган Вой-Қўрқаман қариндошларини аянчли аҳволга солган, иллатларга маҳкум қилган нарсаларга юқоридан қарай оларди, холос. Айни пайтда ўзи ҳам худди улардай аянчли ва эзилиб яшади. Уларга меҳрибонлик кўрсатиш ўрнига, уларни мағрурлик, ранж ва аччиқдан (мана шу феъл-атвор уларни шу кўйга солган эди) қутқариш ёки уларни ўзгартириш ўрнига, улардан нафратланарди. Шуларни ўйлар экан, у ёнида ўтирган Қувонч ва Тинчликка ўгирилди ва умидсиз ҳолда бақириб юборди: «Наҳотки улар учун бирон нарса қилишга ожиз бўлсам?! Наҳотки холам Шумхабар шу ёрдамга муҳтож ҳолда қолиб кетса?! Бечора Қовоғисолиқ ва Жаҳлдор-чи? Холаваччаларим билан амакиваччаларим-чи? Улар биз билан бирга анча жойгача бирга келдилар, Чўққилар йўлидан мени орқага қайтариш учун кўп ҳаракат қилишди, ахир. Чўпон мени — Вой-Қўрқаманни барча қўрқувлардан, гуноҳларимдан фориғ қилганда, уларни ҳам фориғ қила олмайдими?! Уларга азоб бераётган нарсалардан халос қила олмайдими?!» «Тўғри, — деди Қувонч (У бир пайтлар Қайғу эди), — У Қайғуни Қувончга, Азобни Тинчликка айлантира олганда, Вой-Қўрқаманни Мурувват ва Шарафга айлантира олганда, Такаббурни, Аччиқни, Ранжни ва Афсусни ўзгартира олишига шубҳаланишимизга ҳаққимиз борми?! Аммо улар Чўпоннинг ортидан эргашиб, Унинг кўрсатмаларига қулоқ солиши керак. Ана шунда холанг Шумхабар Мақтовга, Ташаккурга айланиши мумкин. Бечора Қовоғисолиқ билан Жаҳлдорлар ҳам ўзгарадилар, албатта. Айнан шундай бўлиши муқаррарлигига, уларга азоб бераётган барча иллату дардлардан фориғ бўлишларига асло шубҳа қилмаслигимиз лозим. «Аммо Чўпоннинг ортидан эргашишларига уларни қандай ишонтириш лозим? — деди Мурувват ва Шараф. — Ахир, улар Чўпонни жуда ёмон кўрадилар. Ҳатто Чўпоннинг келишини улар ҳеч ҳам истамайдилар». Шунда Тинчлик (илгари унинг исми Азоб бўлган эди) астагина деди: «Инсонлар Қайғу чекиб, Азоб тортаётганларида ёки камситилганларида, бошларига кулфат тушганда, баъзан Чўпон билан танишишга хоҳиш билдирадилар, Ундан ёрдам кутадилар. Масалан, холанг Шумхабар бахтсизлигини биламиз. У шўрлик Қўрқувнинг ахлоқсизлигидан умидсизликка тушган. Балки у энди Чўпонга мурожаат қилишга розидир. Қовоғисолиқ билан Жаҳлдор ҳам шунақанги аянчли аҳволдаки, уларни ҳам Чўпоннинг кетидан боришга унатиб бўлар. Илгари эса улар Чўпоннинг ёрдамига муҳтожлик сезмаган эдилар». «Тўғри, — деди Мурувват ва Шараф, — ишонаман, сизлар ҳақсизлар. Қанийди биз уларнинг олдига бора олсак! Ўзимиз топганларни улар ҳам топишларига ёрдам бера олсак эдик!» Шу зоҳоти уларнинг ёнгиналарида Шоҳнинг овози эшитилди. Шоҳ уларнинг ёнига келаётган эди. Шоҳ келиб, улар билан бир қаторда ўтирди. Сўнг пастдаги водийга қараб, Мурувват ва Шарафга меҳр билан деди: «Эй боғ-роғлар гули! Дўстларинг сенинг гапингга қулоқ соладилар. Кел, мен ҳам овозингни эшитай» (Забур 8:13). Мурувват ва Шараф Чўпонга қараб, Унинг қўлларидан ушлади: «Раббим! — деди у. — Биз инсонлар тўғрисида гаплашаётган эдик. Биласанми, уларнинг ҳаммаси менинг қариндошларим-ку, ахир.Улар ғоятда бахтиқаро, ночор. Биз улар учун нима қила олардик, Раббим?! Улар Чўққиларда ҳукм сураётган қувонч ва шодликлар тўғрисида ҳеч нарса билмайдилар. Масалан, менинг холам Шумхабар ўшаларнинг биттаси. Мен у билан узоқ вақт бирга яшадим. Ишончим комилки, у жуда муҳтож, умидсиз аҳволга тушиб қолган». «Уни биламан, — деди Шоҳ, — бахтсиз аёл». «Унинг қизи Қовоғисолиқ эса, — деб гапида давом этди Мурувват ва Шараф Чўпонга илтижо билан қараб, — жаноб Қўрқувнинг ўғли Пасткаш билан турмуш қурди. У жуда бой, аммо ёши ундан катта, жуда ночор, худбин одам. Ўйлашимча, қиз унга турмушга чиққандан буён рўшнолик кўрмаган. Водийда: «Эри Қовоғисолиқни ҳайдаб юборади-ёв» деган миш-мишлар юрарди». «Шундай бўлди ҳам, — деди астагина Шоҳ, — бечора Қовоғисолиқ онасининг уйига қайтиб келди, бахтсиз, хўрланган, қалби пора-пора бўлган». «Унинг опаси Жаҳлдор-чи, бечоранинг заҳар тили кўпларни ўзига душман қилди. У Писмиққа турмушга чиқди. Улар жуда ночор кун кечирадилар, амакиваччам Аччиқникида кичкина хонада ижарада туришади. Мен бу ердаману уларнинг ночор турмуши хаёлимдан кетмаяпти. Бу ерда — Севги Шоҳлигида улар ҳақида қанча кўп ўйласам, виждоним шунча кўп қийналяпти». «Уларнинг ҳаёти чиндан ҳам ночор, — деди Шоҳ олдингидан ҳам баттар ачиниб. — Улар яқинда кичик қизларидан айрилиб қолдилар. Бечора Жаҳлдор, шу қизим ҳаловатсиз турмушимга тасалли бўлар, деб умид қилган эди». «Ундан кейин яна уларнинг акаси Қўрқувқўрқоқ ҳам бор», — деб давом қилди. Мурувват ва Шараф биро оз шубҳали оҳангда. У гапирар экан, Шоҳнинг кўзларига қарамас эди. У бир оз жим қолди, бир оз сукутдан кейин яна гап бошлади: «Оила аъзоларининг ичида шуниси энг бечораҳолидир. Қўрқувқўрқоқ онасининг юрагини пора-пора қилди. Опа-сингиллари у билан гаплашмайди. Ҳамма ундан нафратланади, шунинг учун у ҳеч кимнинг кўзига кўрина олмай, водийда биқиниб ҳаёт кечиради». «Уни ҳам биламан, — деди Шоҳ жиддий ва айни пайтда бир оз кулгиомуз. — Мен уни яхши биламан. Уни ночор ва бечораҳол деб айтдинг, гапларингда асло муболаға йўқ. Уни ўзгартириш мақсадида бир неча марта жазолашимга тўғри келди. Аммо жазоласам ҳам, ўлдирмадим». «Йўқ, йўқ! — дея илтижо оҳангида бақирди Мурувват ва Шараф. — Асло бундай қила кўрма, Раббим! Ўтинаман, унга нажот бериш учун бирон нарса ўйлаб топ. Ахир, мени озод қилдинг-ку!» Шоҳ жавоб беришга шошилмади. Қизга диққат билан қараб, унинг чеҳрасида катта қониқиш ва бахт туйғуси барқ уриб турганини кўрди. Ниҳоят, У гап бошлади: «Мен албатта, сенинг илтимосингни бажаришга тайёрман. Аммо сен айтаётган одамлар Мени уйларига қўймайдилар, ҳаттоки Мен билан гаплашишга ҳам рози бўлмайдилар. Менинг номимдан гапирадиган овоз керак. Менинг ёрдамимга суяна олишлари мумкинлигига уларни ишонтириш лозим». «Нимани назарда тутаётганингни тушундим, — дея хитоб қилди қиз. - Биз водийга бирга тушамиз. Улар билан гаплашамиз, Сен бизни нималарга эриштирганингни уларга кўрсатамиз. Яна Сен нималарга қодирлигингни, нималар қилмоқчи эканингни уларга айтамиз». «Ўйлайсанки, улар Сенинг гапингга қулоқ соладиларми?» — сўради Шоҳ қизга меҳр билан боқиб. «Йўқ, ўйлашимча, бу унчалик муваффақиятли бўлмайди, айниқса бошланишида, — жавоб берди қиз. — Улар менинг гапимга қулоқ соладиганлардан эмас. Чунки мен уларни ёмон кўрардим. Аммо мен уларга нима деб айтишим керак — буларни менга Сен ўргатасан, мен эса Сенинг номингдан гапираман. О Раббим! Қани, тезроқ пастга тушайлик! Мен учун Сен нималар қилганингни улар кўрсалар, Тинчлик ва Қувончни кўрсалар, охири рози бўладилар, Сенинг ёрдамингни қабул қиладилар. Ахир, улар доимо ўзларини алдаб юрадилар. Уларнинг назарида гўё Сен уларга бирон нарсада ёрдам бера олмайсан. Шу боисдан ҳам улар Сенга қаршилик кўрсатишади ва Сенинг ёрдамингни рад қиладилар. Лекин биз уларга ёлворамиз, айниқса, улар ҳамманинг нафратига учраб, бахтсиз бўлиб қолган ҳозирги пайтда. Айни ҳозир улар ночор, бир аҳволда эканларида, ёлғизлик ва қайғу-ғам уларни Сенинг сўзларингга қулоқ тутишга, ёрдамингни қабул қилишга мажбур этади». «Тўғри, — қизнинг сўзларини маъқуллади Шоҳ, — Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Ҳозир чиндан ҳам уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиш учун жуда қулай пайт, тезроқ уларнинг олдига тушайлик». Шоҳ шу сўзларни айтиб ўрнидан турди. Қиз ҳам сакраб оёққа турди. Тўрталови ҳам қувончу шодликка тўлиб, Чўққилар этагига етиб келдилар. Улар водийга тушишга тайёр бўлдилар. Шунда Мурувват ва Шараф ёнгинасида буюк шаршарага кўзи тушди. Шаршара ҳам водийга интиларди. Шаршаранинг жўшқин сувлари гулдураб, қоядан пастга қўшиқ айтиб тушарди: Чўққилардан сакраб-сакраб пастга тушамиз, Шовқин солиб, пастга, водийга интиламиз. Биз доимо пастлик томон югурамиз, Доимо биз пастда бўлишни хоҳлаймиз. Қиз бирдан тушуниб қолди. Унга ажойиб ҳақиқат очилди. Мана шу улкан сувларни ҳам, худди қизнинг ўзи каби, Шоҳ Севги Шоҳлигига, Чўққиларга бошлаб келган эди. Энди эса улар қувонганлари туфайли ўзларидан воз кечиб, ўзларини қурбон қилишга тайёр эдилар. Улар ўзларига насиб қилган буюк қувончни баҳам кўриш учун энг ғамнок, энг ташландиқ жойларга интилар эдилар. Қиз эса қувониб ўзини бағишлайдиганлар денгизидан бир томчи эди, холос. Севги Шоҳига эргашаётганларнинг, У билан, бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлгаларнинг биттаси шу қиз эди. Уларнинг ҳар бири қиз сингари бахтиёр, суюкли эдилар. «Чунки У ҳар биримизни шунчалик севадики, — деди қиз ўзига ўзи, — гўё У фақат ёлғиз сени севадигандай». Мана шу улкан сувлар каби ҳамжиҳат бўлиш тўғрисидаги фикр унинг юрагини шунчалик қувончга тўлдирдики, унинг ҳолатини тасвирлашга сўз ожиз эди. Энди у ҳам пастга тушиб, ўзини ўзгаларга бағишлайди. «Шоҳ мени фақат шу мақсад билан Чўққиларга олиб келди», — шивирлади қиз ўзига ўзи ва Шоҳга қараб бошини силкиб қўйди. Шу пайт Шоҳ қоядан пастга сакради. У мустаҳкам таянч нуқталарни танлаб, қоядан қояга сакраб ўтарди. Ҳамроҳларининг оёқлари Ўзининг оёғидай бақувват, чиниққан бўлмагани учун, Шоҳ, ҳамроҳларим ортимдан етиб юрсинлар, деб имконият яратарди. Унинг ортидан Мурувват ва Шараф борарди. Унинг ёнида эса Қувонч ва Тинчлик югуриб борардилар. Уларнинг ёнгинасида эса улкан сувлар қўшиқ айтиб пастлик-ка интилардилар. Қаҳрамонларимизнинг овозлари сувнинг қувончли шовуллашига қўшилиб кетди. Аммо қаҳрамонларимиз барибир, ўз қўшиқларини куйлаб борардилар: Севгилим, оҳудай юқорига шошилгин, Худди енгил шамол каби учавергин. Қоялардан мен ҳам жайрон каби Асло ортингдан қолмай юрарман. Сенинг ортингдан изма-из шошгайман, Сен бошласанг қабрга ҳам боравераман, Сенсиз мен асло яшай олмасман. Эҳтимол, бу ўзингиз билан «Сулаймоннинг гўзал қўшиғи»нинг охирги қўшиғи бўлса керак. Ҳа, бу қўшиқ Сулаймонники. Аммо Мурувват ва Шараф учун бу қўшиқ янги қўшиқнинг бошланиши эди. Чўққилар қояларида ўзлаштирилган сабоқлар Мен Англияга қисқа сафар қилиб, Исроилга қайтиб келаётганимда, Швейцарияда ҳам уч ҳафта тўхтадим. Мазкур асарим ана шу сафар пайтида ёзилган эди. Мен Швейцарияга отамнинг ўлимидан кейин унинг ишларини тугатиш ва қоғозларини тартибга солиш учун борган эдим. Ўшанда ўзим туғилиб ўсган ва Ўрта Шарқдаги миссионерлик хизматимдан озроқ дам олиш учун келганимда, отам хурсанд бўлиб кутиб оладиган эски уйим билан тоабад хайрлашдим, деб ўйлаган эдим. Менинг тоғимга чиқ Браунвальд. Душанба, 1949 йилнинг 23 майи «Эгам деди: — Менинг тоғимга чиқ. …Булут тоғни қоплаб олди…олти кун қоплаб турди…Еттинчи куни Эгамиз булутлар орасидан Мусони чақирди… Эгамиз деди…» (Чиқиш 24:17, 12, 15, 16, 23:1) Туману булутлар орасидан икки қадам жойдан наридаги бирон нарсани кўриб бўлмайдиган сўқмоқ йўлдан Эгам мени шу ерга — Швейцарияга, «анчагина баланд тоққа» олиб келди. У мен билан булутлар орасидан гаплашишига ишонаман. Чунки Унинг менга айтадиган гаплари борлигини биламан, ўша гапларни эшитишга муштоқман. 3 кун олдин Линталдан Браунвальдга осма арқон йўл орқали кўтарилаётганимда, Геарусда туман, булут шунчалик қалин эдики, ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди. На бирон дарахтни, на деворни, на биронта уйни, на ҳатто жамоат хизматкори Бергрфридоннинг уйи кўринар эди. Бергрфридон эшигига етиб боргунимизча ҳеч нарсани кўра олмадик. У ерда Масиҳдаги сингилимиздан бири бизга айтди: «Бир ҳафтадан буён об-ҳаво шундай бўлиб турибди, яна бир неча ҳафта шундай қолиши мумкин». Бундан мен жуда хафа бўлиб кетдим. Чунки неча йиллардан буён Швейцарияга келсаму ҳеч нарсани кўра олмай кетсам, албатта алам қилади-да. Ўша кун кечки пайт деразадан туман ва ёмғир орасидан тик қоянинг бир қисмини ва қоя чўққисидаги қорни кўриб қолдим. Бу манзара бир неча дақиқа давом этди. Менга айтишларича, тоғ тизмалари шундайгина рўпарамизда — водийнинг нариги томонида экан. Аммо бунга ишонишим қийин эди. Эртасига тонг саҳарда — 4.30да уйғондим. Тоғлар шундоққина турарди. Мен олдин эшитган гапларимга ишонмаган эканман. Ким қуёш чиққунча уйғонишга тайёр бўлмаса, ундай одам Швейцарияга бормаса ҳам бўлади. Бу гапнинг ниҳоятда тўғрилигига ўзим ҳам ишонч ҳосил қилдим. Бу пайтда тоғлар яққол кўринар экан. Мен ҳали ўрнимдан турмасдан, пардаси ёпилмаган ойнадан тоғларни томоша қилдим. Тоғ чўққиларини ҳамон булутлар қоплаб турар, аммо қоялар ва қорли ажойиб тизмалар тор водийнинг нариги томонида худди девор каби қаршимда қад кўтариб турарди. Кун давомида туман тарқалди, лекин булутлар ҳали ҳам пастда бўлиб, табиат манзарасининг кўп қисмини яшириб турарди. Бугун мен соат бешда уйғондим. Эрталабки нурафшон тонг ёруғида осуда мовий осмон остида мен жуда кўришга муштоқ бўлганим Чўққилар яққол кўриниб, қад ростлаб турарди. Мен энди худди митти юлдузлар каби, кўм-кўк гажак ўтлар ва тилларанг айиқтовонлар билан қопланган каттакон ям-яшил қояда ўтирардим. Бу жой ўтлоқ бўлиб, уч томонидан девор каби қорли чўққилар билан ўралган эди. Мен бу ерда ўтирибману сўз билан ифодалаб бўлмайдиган гўзалликдан кўзларимни уза олмасдим. Ўнг томонимда Брумбах шаршараси тепадан пастликка шовқин солиб, интиларди. Қаршимда — тоғ, тоғнинг бир-бири устига мингашгандай еттита Чўққиси, улкан қояси виқор билан турибди. Бу қоянинг ёнида яна битта пастроқ чўққи бўлиб, шакли шохга ўхшайди, бу чўққининг номи — Хўэр Турм. Етти ўркачли тоғ эса Ортсток деб аталади. Хўэр Турм тоғи Браунвальд текислиги устида қад кўтариб турибди. Бу қоя шу атрофдаги бошқа улкан қоялар орасида хушманзарасидир. Чап томонимда худди баҳайбат қалъага ўхшаб қор билан қопланган тоғ занжири турибди. Атрофнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб ўтирганимда, каттакон қора булут чўққиларга соя солди. Узоқдан момақалдироқ овози эшитиларди. Шундай қилиб, булутлар ва туман оралаб тоғнинг бир жойига келиб қолдим. Ишонаманки, шу ерда Эгам мен билан гаплашади ва шунча йил ўтгандан кейин мени бу ерга — Швейцариядаги севимли тоғига қайтариб келганини айтади. Брумбах шаршараси Тошлар оша ва тошлар орасидан югураётган жўшқин сувнинг шовқин-сурони бутун атрофни қамраб олган. Бу ерда иккита шаршара — Брумбах ва Цильбах шаршараси бор. Бу шаршаралар менга пастдаги водийларга ҳаёт, куч-қудрат олиб келиш учун юксаклардан учиб келадиган ажойиб севги фаришталарини эслатар эди. О Эгам! Бугун менга нима деб айтмоқчисан? Ёрдам бер, токи овозингни эшитай! Яратганларинг тилини тушунишимга ёрдам бер. Кимга кўп берилган бўлса, ўшандан кўп сўралиши ҳақидаги буюк ҳақиқатни чин юракдан қабул қилишимга ёрдам бер. Мен нигоҳимни кўтариб водий орқали Брумбах шаршараларига назар соламан. Сув ўзлигини унутиб ўзини қурбон қилаётганидан сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бир шодонлик билан пастга отилиб тушаётганини кўриб турибман. Биламан: шунинг ўзи Худойимнинг менга айтмоқчи бўлган сўзидир. Менга ушбу буюк табиат китобининг тилини тушуниш учун ёрдам беришини ундан сўрадим. Мана, биринчи сабоқ — Унинг ижодининг биринчи сўзи. У шунчалар аниқки, уни чиндан ҳам тушуняпман. У доимий ва саодатли севгини шарафлаш ҳақида гапирмоқда. 1. Севгининг биринчи хусусияти — итоаткорликдир. Сен ўзингни бағишлаб, тобора пастга тушаверасан. Югураётган сув ҳар доим шундай деб такрорлайди: «Пастроққа туш, энг паст жойни топ. Бу ҳақиқий комилликка эришишнинг ягона йўлидир». 2. Севгининг иккинчи хусусияти — хайр-эҳсондир. Ўзини қурбон қилиб, тарқалаётган ҳаёт бошқаларга ҳаёт ва куч бағишлайди. Севги қанчалик кўп берса, ўзини шунчалик тўлиқ намоён этади. Чунки севгининг имтиёзи — эҳсон қилиш, эҳсон қилиш, эҳсон қилиш. 3. Севгининг учинчи хусусияти — хизмат қилишдир. Брумбах шаршаралари тепадан пастга тушиб, бутун водийга ва унинг атрофидаги ерларга хизмат қилади. Бу шаршаралар қанча-қанча хонадонларни, боғ-роғларни, полизларни сув, электр ва ёруғлик билан таъминлайди. Ўзлигини унутиб, ўзини ўзгаларга бағишлаб пастга отилади — севгининг қувончи ва завқи ана шундадир. «Бекаму кўст севги қўрқувни ҳайдайди». Айни мана шу гапларни қоянинг четига интилаётиб шундай қувонч билан такрорлайди сув. Ўзлигини унутиб, пастликка мардонавор оқади, уни баландликнинг ваҳимаси ҳам қўрқита олмайди. Шунчалик баландликдан тошлар устига тушар экан, бу ҳам уни йўлидан қайтара олмайди. Сувнинг қандай қилиб қоядан пастга тушишини кузатиб турарканман, бу ҳаракатда ажойиб мафтункорлик, қувонч ва мутлақ ғалаба бор эканига гувоҳ бўлдим. Мен бунга ўхшаганини умримда кўрмаганман. Шаршаралар ақлни лол қолдирадиган даражада гўзал эди. Аммо бирон томчининг ҳаракатини, унинг қоядан сакрашини кузатинг-а. У пастга тушиб келгунча кузатинг — бунинг ғоят девонаваш, тентакларча ўзини қурбон қилгани кишини ларзага солганини кўрасиз. Мен ҳеч қачон қувончини мукаммал ифодалайдиган ҳаракатни кўрмаганман! Бу худди завқ-шавқнинг ўзгинаси. Ўзини ўзи қурбон қилиб, аллақандай бир қониқиш туйғусидан бундай завқни олиш мумкин. Пастликка ҳаракат — енгил, ҳам бахтиёрлик бор, ҳам хатар бор бу ҳаракатда. Сув ўзини қоядан пастга ташлагандан кейин, у худди ушлаб олинганга ўхшаб туюлади, худди қанот пайдо қилиб учаётганга ўхшайди. Чиндан ҳам бу қарама-қаршиликда завқ бор. Қандай қилиб ўзликдан шу тариқа воз кечиш мумкин? Бу саволга кўз олдимда намоён бўлган манзара жавоб бера олади. Шаршаралар Чўққилардан пастга тушади, аммо улар бу ҳаракатни бажаришдан олдин юқорига кўтарилишлари лозим. «Оёқларимни кийикникидай қилар, чўққиларга мени турғазар» (Забур 17:37). Агар сув жуда баландликдан оқиб тушмаса, бу шаршара эмас. Айни ишонч ва итоаткорликнинг «чўққилари» Севги шаршараларини ҳосил қилади. Қаршидаги етти чўққиси бор улкан тоғ — Ортсток тоғи баландликдан баландликка, чўққидан чўққига кўтарилишимиздан ҳосил бўладиган руҳий тажрибамизнинг ажойиб манзарасидир. Чўққиларнинг учи — бу севги ўзлигини қурбон қилиб, қувонч билан пастга оқиб тушадиган жойдир. Инсон агар итоаткорлик ва ишонч билан Чўққиларга етиб бора олмаса, ҳеч қачон чин севги билан сева олмайди. Ўша ерда — «машаққат тоғларида» текис асфальт йўлда юргандай сакрашни ва юришни ўрганиб олади. Атрофимдаги жамики нарсалар худди шу сабоқ мазмунини кўрсатиб турганга ўхшайди. Мен Худо яратган ҳар бир нарса нимадир айтадиган жойга келиб қолдим. Аммо машаққатли азоб мактабини ўтаган юракларгина бу тилни аниқ тушуна олиш имкониятига эгадирлар. Бу тилни биз хочда турганимизда ва унга ўзлигимиз, қалб қийноқлари азоб михлари билан қоқиб қўйилган пайтда юрагимизнинг энг тубида ўргана бошлаймиз. Буни Қуддус қамали ва Фаластин қўпорувчилари ҳукмида бўлиб, 1948 йилдаги воқеаларга сабаб бўлгани билангина солиштириш мумкин. Балки менинг бу ерга келишимга ҳам руҳиятимдаги ўзига хос буюк ўзгаришни бошимдан кечирганим сабаб бўлгандир? Эски руҳият дарров қичқиради: «Бу жуда ҳам қаттиқ оғриқ пайдо қилмайдими? Наҳотки мен ҳали етарлича азоб тортмадим, азиз Раббим Исо?» Шунда мен куламан. Зотан, лой қорадиган идиш Раббийнинг кулолчилик чархини дардли завқ билан ўйлай оладими?! Унинг меҳрибон, шакл берадиган қўллари остида оғриқ эсга келадими?! Айниқса, итоаткорликнинг энг қувончли, охирги кўринишида. Фақат бир нарса муҳим аҳамиятга эга: у ҳам бўлса ўзини ўзи қурбон қилиш севгиси бекаму кўст амалга ошиши лозим. Мен севимли бўлишни хоҳламаслигим учун, севгини бошқаларга хайр-эҳсон қилиш қувончига тамомила ўзимни бағишладим. Кимдир буни қисқагина қилиб (адашмасам, у квакерлар мазҳабидан бўлган бир кампир эди) қуйидагича ифодалаган эди: «Ўзингни қурбон қилиш — ўзингдаги энг яхши нарсани ўзинг ниҳоятда севган инсонга инъом қилиш бахтидир». Бу тинч водийда эшитиладиган ягона товуш — тепадан тушаётган сувнинг шовуллаши ва тоғ ён бағирларида ўтлаб юрган сигирлар бўйнидаги қўнғироқчаларнинг жаранглаши эди. Аммо сув шовқини тўхтовсиз давом этаверади, ҳеч тўхтамайди. Тобора янграйверади. «Чин севгини бошдан кечирмоқ учун пастроққа тушиш керак. Ўзингни пастроққа бағишла, яна пастроққа туш. Қувонч билан ўзлигингни унут, бошқаларга хизмат қил». О Худойим! Мен сенга минг маротаба шукр айтаман! Сессельбан Браунвалд. 1949 йилнинг 24 майи. Кеча эрталаб Худойим Сессельбан мисолида бизга жуда ажойиб сабоқ берди. Ортсток Хаус Браунвальднинг энг тепасида — Эгсток ён бағирларида жойлашган. У катта жарликдан унча узоқ бўлмаган жойда, анча пастдаги Браунвалд билан қўшилиб кетади. Бундан ташқари, қояли тоғ ёнбағирларига мустаҳкам тиралган баланд таянч нуқталарига осилган ҳаводаги сим арқонлар тизими орқали Сессельбан билан ҳам боғланган. Бу сим арқонларга электр токи билан ҳаракатланадиган кабиналар осилган. Бу кабиналар Ортстокка озиқ-овқат етказиб бериш учун сим арқонлар орқали баландликка томон ҳаракат қилади. Гажак ўтлар билан қопланган тоғ ён бағридан ҳар доим ибодат қиладиган жойга ва «сув ичадиган» ерга кўтарилар эканман, бошим узра сим чиқарган товушни эшитдим. Тўхтадиму олисдаги баланд чўққиларга сим арқонлар орқали чайқала-чайқала кўтарилаётган кабиналарга қарадим. Менга айтишларича, бу кабиналарда фақат озиқ-овқат эмас, балки одамлар ҳам кўтарилиши мумкин экан. Ниҳоят, эрталаб кун анча ёйилганда, мен ўша ҳаво транспортини кўрдим ва ўзимни йўқотиб қўйдим. Сим арқондан пастга томон ёпиқ кабина эмас, иккита ўриндиқ келарди. Улар худди оддий боғ курсиларига ўхшарди. Ўриндиқлар тепасида қуёшдан пана қилиб турадиган соябони бор эди. Ён-атрофида ҳеч қандай тўсиғи йўқ иккита оддий ўриндиқ ҳавода тебранар эди. Ўриндиқларнинг бирида битта эркак ўтирарди. Оёғининг тагига қўйилган ингичка тахтачадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Маълум бўлишича, у тепага сим арқонларни текширишга чиққан экан. Кечқурун ўрмонзор орқали Браунвальд ўтлоқларига ўтаётганимда, Сессельбаннинг бор қудрати билан ишлаётганини кўрдим, овозини эшитдим. Сим арқон бўйлаб тепага бир-бирининг кетидан даҳшатли жарлик устида шамолда тебраниб очиқ ўтирғичлар кўтарилаётган экан. Улар бирин-кетин олдин тепага ҳаракатланиб, кейин чексиз қатор ҳосил қиларди-да, пастга тушарди. Олдинига мен, бу ўриндиқларда жуда кўп одам кўтарилса керак, деб ўйладим. Аммо қарасам, улар бўм-бўш. Уйга қайтиб келаётганимда, пастдаги станциянинг ёнидан ўтаётиб, мен осма ўриндиқларнинг чайқалиб, станция айвони тагига кираётганини кўрдим. Ўриндиқлар бўш эди. Бир неча дақиқадан кейин эса ўриндиқлар яна пайдо бўлиб қолди. Ўриндиқларга камарлар билан унча катта бўлмаган қутилар боғлаб қўйилган экан. Шу тариқа тепадаги уйга узлуксиз равишда озиқ-овқат оқиб борарди. Озиқ-овқатлар бу ерга келадиган сайёҳлар учун тарйёрланаётган экан. Туман кўтарилгач, сайёҳлар тоққа кўтарилардилар. Ўшанда Сессельбан менга энг гўзал, мафтункор эътиқоднинг манзараларидан бири бўлиб туюлди. Ахир, эътиқод ақлга тўғри келадиган ишончларнинг биронтасига ҳам ўхшамайди. Эътиқод — бу итоаткорликдир. Худонинг хоҳиш-иродасига тўла, бутунлай ўз ихтиёри билан бўйсуниш — бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Эътиқод — бу Худонинг хоҳиш-иродасини бажариш истагидир. Ўз иродасини қайтариш ва Худога итоат этишни хоҳламаслик — эътиқодсизликдир. Ахир, мана шу кичкина ўриндиқлар атиги бир жуфт металл парчасидир. Шу ўтирғичлар осилган сим арқон умуман кўзга кўринмас эди. Ўриндиқлар тагида тубсиз жарликдан бошқа ҳеч нарса, ҳатто бирон таянч нуқтаси ҳам кўринмас эди. Кўриниб турган нарса — иккита ҳаракатланаётган ва ҳавода осилган ўтирғичлар эди. Таянч эса юқорида эди. Юқоридан келаётган куч тортишиш кучи қонунига зид равишда, ўриндиқларни баландга кўтарар эди. Улар тобора баландга кўтарилар, бир сим арқондан кўтарилиб, иккинчи сим арқондан пастга тушарди. Мана шу кўринмас кучга ишонишга истак ва ўтирғичга ўтириш — ўз «мен»ини биратўла рад қилиш эди. Ҳеч қандай куч ишлатиш керак эмас. Ўшанда сени юқорига, чўққиларга кўтариб олиб чиқишади. Энг асосийси — эътиқод, иш эмас. Фақат қиладиган ишингиз — Сессельбанга ишониш керак. Бу қадам менга жуда даҳшатли туюларди! Мен баландликларга жуда эҳтиёткорлик билан қарайман. «Энг баланддан ўзимни пастга ташлаб юборсам-а» деб ўйлаб ваҳимага тушаману қўрқиб кетаман. Бу қўрқув мени бир умр таъқиб қилар, баланд тоғларга чиқишга имкон бермасди. Оиламизнинг бошқа аъзолари тоққа чиқишни жуда яхши кўрарди. Агар йўлнинг ярмига етганда сим арқон узилиб кетса ёки электр токи ўчиб қолса-чи? Пастда бир уюм синган суяклардан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Ерда сени ҳимоя қила оладиган бирон куч бўлмайди! Мен жуда осон тасаввур қила оламан: ҳар қандай асаблари жойида бўлмаган ёки баландликдан қўрқадиган одам бундай саёҳат тўғрисидаги фикрнинг ўзиданоқ ваҳимага тушади. Тўғри, ҳеч қандай иш қилиш керак эмас. Фақат ўриндиққа ўтириб, юқорига чиқиш керак, холос. Аммо осонгина ваҳимага тушиб, жарликка қулаш мумкин. Эгамнинг ваъдалари ҳам кўпинча ана шу сим арқонга ўхшаб кетади. Улар жуда заиф, чидамсиз, омонат ва ерда ҳеч қандай таянч нуқтаси йўқдай туюлади. Шунинг учун ҳам Унинг ваъдалари фавқулодда вазиятга олиб келиши мумкиндай туюлиб, уларга ишониб, таяниб бўлмайдиганга ўхшаб кўринади. Ўзимизга ўзимиз гапирамиз, осонгина хато қиламиз, ўзимизга тегишли бўлмаган буюк нарсага эгалик қилмоқчи бўламиз. Бу буюк нарсалар улуғ, мард, қутлуғ пайғамбарларга ва Раббийнинг ҳаворийларига тегишлидир. Бу ваъдаларга ишониш керак эмас, уларга тамомила итоат этиб ҳам бўлмайди. Шунда юқоридаги куч эса ишлай бошлайди. Ваъдага ишонган саёҳатчи шу ваъдага содиқ қолишдан бошқа ҳеч нима қилмайди. Ваъдага етарлича ишонганидан сўнг таваккал қилишга рози бўлади ва шунда юқорига йўл олади. Дунёда ҳеч қандай куч ваъданинг бажарилишига ва йўловчининг чўққиларга етиб келишига ҳалақит бера олмайди. Аммо баъзида ваҳимага солувчи жарликлар ҳам учраб туради. Олдимизда шундай тик қоялар туриб оладики, уларга чиқиш орзусини хаёлимизга ҳам келтира олмаймиз. Ёки уларни ўз кучимиз билан енгиб ҳам ўта олмаймиз. Шундай бўлса ҳам, итоаткорлик ва эътиқоднинг руҳий Сессельбанида буларнинг барчаси устидан зафар қозонилади. Мен бир соатча сеҳрлангандай қараб турдим. Менинг сўқмоғим водий бўйлаб юқорига кўтариларди. Унинг тепасидан эса баландда осма ўриндиқлар чайқала-чайқала кўтарилиб боради. Шунда Эгам менга шундай дея гапирди: «Худо инсон эмаски, У ёлғон гапирса, У одам эмаски, фикрини ўзгартирса. У доим ваъдаси устидан чиқар! Ўз айтганларин албатта бажарар» (Саҳрода 23:19). Ўзинг қайтиб борадиган юртингдаги синовлар ва қийинчиликларга юзма-юз боришдан қўрқма. Агар сен, ҳозир Англияда уй-жойим йўқ, қайтганимда бош суқадиган масканим йўқ, деб ўйласанг, шуни билгинки, сен қаерга борсанг, худди Қуддус қамалида бирга бўлганимдай, ўша ерда сен билан бирга бўламан. Қандай савдолар бошингга тушмасин, Мен доимо сен билан биргаман». Ҳа, Унинг ваъдаларига биноан бир юксакликка дадил кўтарила бошлаганингда, ҳаяжондан нафасинг тўхтаб қолай дейди. Ўша энг тик, хавфли жойни сабрсизлик билан кутасан. Арқон йўл сени икки чўққи оралиғидаги жарлик устидан олиб ўтаётганда, бошинг айланиб кетиши мумкин. Аммо ваъдалар чин. Ўша ваъдаларга ишониб, биз шиддат билан Чўққиларга кўтариламиз. Шиддатли оқим Браунвальд. 1949 йилнинг 25 майи. Бугун мен Рият тоғ яйловларига сайр қилгани чиқдим. Қуёш ажойиб нур сочиб турарди. Мен дала бўйлаб бу гўзалликка маҳлиё бўлиб тоққа борар эдим. Далалар қоқигуллар ва бошқа турфа гуллардан олтиндай товланар эди. Ҳамма ёқда худди қимматбаҳо тошлар сингари гажак ўтлар. Шундоққина рўпарамда Брумбах ва Цилльбах шаршаралари. Мен худди жаннатдаги боғда юргандай қувонаман. Эгамнинг сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди, бундан ҳаяжоним қўксимга сиғмайди. Мен Қуддус қамалини бошимдан ўтказганимдан буён (бу 1948 йили бўлган эди, ўшанда менга доимо ажал хавф солиб турган эди) барча ҳис-туйғуларим атроф гўзалликларига, табиатдаги ажиб товушларга ва ҳидларга олдингига қараганда анча сезгир бўлиб қолган. Ўша пайтда бошимдан ўтказган даҳшатли кечинмалар учун менга инъом қилинган шодлик ва мурувватнинг бир қисми эди, холос булар. Илгари, мен ҳали ёш қизча эканман, Швейцарияга келганимда, бу мамлакатнинг табиати мени жуда ҳаяжонга солган эди. Мен қарағайзорлар, арчазорлар, ерга гиламдай ёйилган ўт-ўланлар ҳидини, замбуруғлар билан қопланган тошларни, арраланган ғўлаларни жуда ёқтирар эдим. Буларнинг ҳаммаси мен учун шунчалик ақамиятлики, тасвирлашга ожизман. Табиат — ажойиботлар китоби экани менга яна бир бор намоён бўлди. Мен унинг тилини энди тушуна бошладим. Шу тариқа ҳаяжондан завқланиб борар эдим. Атрофимда эса табиат гўзалликлари Яратганга ҳамду сано айтиб, Уни шарафлар, Унинг исмини ҳамма қўшиқ қилиб куйлар эди. Мен Брумбах шаршараси этагидан бошланиб, водий бўйлаб тез оқадиган ирмоқ бўйидаги тахта тилиш заводига келдим. Ирмоқ кўз олдимда шодланиб тошлар устидан, атрофларидан, кўприк остидан югуриб борарди. Бу сув ўша — бошим узра ўзини ўзи қурбон қилиб шод-ҳуррамлик билан пастликка отилаётган сув эди. Мен кўприк устида туриб сувга қарадим. Дарвоқе, кеча мен ўзимдан сўраган эдим: «Сув ўзидан кечиб шунчалик юқоридан сакраб, пастдаги шафқатсиз тошлар устига тушиб нима қилар экан? Пастликка учишнинг завқи ўтиб кетгандан кейин унда фақат қўпол, зиддиятларга тўла оддий сув қоладими?» Кўприкдан туриб сувда нималар содир бўлаётганини кўрдиму кулиб юбордим. Сув йўлини катта-катта тошлар тўсиб ётарди. Сув йўлида тўсиқлар кўп бўлса ҳам, сув шодланиб, олдинга оқаверарди. У тўсиқларга ва машаққатларга қарамай, ўзига йўл топаётганидан жуда хурсанд эди. Сув шафқатсиз тошлар орасидан ўзига йўл топар экан, Чўққилардан пастга сакрагандаги каби, ўзида йўқ бахтиёр эди. Бу ҳодиса менга нимани ўргатди? Ўйлашимча, ҳаммадан ҳам гўзал ҳодисани — итоаткорлик билан сакраш амалга ошгандан кейин ҳар куни ортидан келаётган сувнинг кучи ва дарёнинг теранлиги машаққатларни енгишни ва турли тўсиқларни кундалик қувончга айлантиришни ўргатди. Кейин тезоқар сувларнинг қувончига дала гуллари жўр бўлиб гўзал овоз билан сўз бошладилар. Гуллар ниҳоятда кичкина, аммо жуда ялтироқ эдилар. Улар кўплигидан далаларга ёйилган гиламни эслатарди. Мен Худойимдан, мана шу гуллар орқали менга нима демоқчисан, ёрдам бер, мен англаб олай, дея сўрадим. Гуллар кулиб, Худонинг хабарини қўшиқ қилиб айтдилар: «Биз ҳаммамиз Яратганнинг марҳаматли севгиси ва меҳрли илтифотининг ортиқчасимиз. Биз итоаткорлик сўқмоғи бўйларида, барча ҳаёт далаларида гул очамиз. Бизга нигоҳи тушган одамларга қувонч ва шодлик келтиришимиз учун У бизни гуллатади. Баъзилар бизга оддий гуллар каби муносабатда бўладилар, бизга ҳатто эътибор ҳам бермайдилар. Ундай одамлар гўзалликни асло кўрмайдилар, биз уларда завқланиш туйғусини уйғота олмаймиз. Аммо Эгамга сажда қиладиган миннатдор қалб завқдан ларзага келади, Яратган Эгамнинг муруввати ва марҳаматидан шодланади». Хаусток ва гажак ўтлар Мен тахминан қирқ беш минутлар чамаси юриб, бир жойдан чиқиб қолдим. Бу жойга келганимда, Ортсток тоғи менинг орқамда қолган эди. Мен тамомила бошқа муҳитга тушиб қолгандай бўлдим. Энди уфқда етти чўққи қад ростлаб турмас, энди олдимда Рият яйловлари ётарди. Қолган барча қорли чўққилар тамомила бошқа бурчакдан кўринарди. Бу ерга келганимдан буён биринчи марта булутлар шундай баланд кўтарилдики, баландлиги 3160 метр бўлган Хаусток тоғи кўриниб турарди. Мана, ўша тоғ шундоққина қаршимда турибди — барча тоғлар силсиласида баландлиги жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган тоғ. Ундан ҳам баланди фақат қор билан қопланган Тоди тоғи эди. Шунингдек, бу тоғ энг оппоғи бўлиб, худди улкан эҳром каби қад ростлаб турарди. Унинг учбурчак чўққиси шунчалар силлиқ туюлар эдики, ҳатто қор ҳам ўрнашмайдиганга ўхшарди. Хаусток менга яна бир сабоқ берди. Бу сабоқ янги ва нотаниш бир туйғу ҳосил қилиб, қалбимни тўлқинлантирди. Бу тоғ менга бутун дунёдаги турли одамларнинг ҳолатлари ва ҳаётлари орасида кишини ҳайрон қолдирадиган катта фарқни эсга туширди. Масалан, Бранувальд атрофида қад кўтариб турган Ортсток тоғи шу атрофдаги энг гўзал тоғдир. У бир-бири узра тизилиб кетган еттита чўққиси билан доимо баланд жойларга чорлайди. Бу тоғ менга ниҳоятда азиз, уни яхши кўраман, чунки нимаси биландир менинг ҳеч нарсага ўхшамайдиган таваккал асосига қурилган ҳаётим манзарасини акс эттиради. Мени доимо янги саргузаштлар ўзига тортар, эътиқоднинг янги чўққиларига бўлган сакрашлар жалб қиларди. Балки пансионатдан стол атрофида ўтирганлар айтганидай, «Ортсток — энг гўзал ва эҳтимол силсиладаги энг ўзига тортадиган тоғ бўлса керак. Аммо у бошқа кўп тоғлар каби шунча баландликка кўтарилмайди». Ҳа, бундан ҳам улуғвор чўққиларга кўтариладиган одамлар бор. Менинг севимли Ортстоким унча баланд бўлмаса ҳам, жуда гўзал. Мен сўқмоқ бўйлаб келар эканман, ниҳоятда осудалик ва тасаллидан миямга бир фикр келди: менинг тақдирим анчагина ғайриоддий бўлса ҳам (чунки Исроил халқининг қадимий ватанига қайтиб, Қуддусда яшаш ва ишлаш — ғоят буюк бир бахтдир), барибир мен митти балиқчаман! Мен бажаришим керак бўлган вазифа бошқаларникига қараганда кичкина эди. Менинг ҳаётим саргузаштларга бой ва мафтункор, аммо ташқи томондан унча жозибали бўлмаган бошқа ҳаёт манзаралари ҳам бор, Улар ҳам худди Хаустокка ўхшаб итоаткорликнинг, эътиқоднинг ўзликдан кечишнинг анча баланд чўққиларига улуғворлик билан кўтариладилар. Бу ҳаёт манзараларига эга бўлган одамлар, то чўққиларга етиб бормагунларича, қандайдир улуғвор чўққиларсиз воқеаларга, саргузаштларга унча бой эмасдай кўринади. Чўққиларга етиб борганларидан кейин эса Худо шаънига ҳамду сано айтадилар. Мен баландликка тирмашиб чиқа бошладим. Нафасим тиқилиб, Швейцария услубидаги молхоналар қурилган Риёт ён бағирларига етиб келдим. Шу пайтда майдалаб ёмғир ёға бошлади. Бу ерда ҳаво тез-тез ўзгариб туради. Мен эртага об-ҳаво қандай бўлишини ишонч билан айтиб бера оладиган биронта ҳам одамни учратмаганман. Риёт яйловларида ўсадиган катта-катта гажак ўтлардан озроқ териб, молхона томи тагидан ўзимга бошпана топдим. Ёмғир тез ўтиб кетса керак, деб умид қилардим. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳар томондан булутлар бостириб кела бошлади. Энди ёмғирнинг тез орада ўтиб кетишига умид сўнди. Тик сўқмоқ сирпанчиқ бўлмасдан туриб, пастга тушиб олай, деб шошилдим. Кейин бир соатдан кўпроқ тўхтовсиз ёмғир қуйди, ёмғир остида уйимга йўл олдим. Ёмғир кўп ёққанини, қуёшнинг кўпдан буён соғинтираётганини кимгадир айтгим келди. Аммо мени Цюрих аэропортида кутиб олган азиз дўстларимнинг айтган сўзларини эсладим: «Ҳар куни Худога шукроналар айт, нима воқеа юз бермасин, ҳаммаси учун Ундан миннатдор бўл».Ҳеч ким мендан шу уч куннинг сабоқлари ва гўзаллиги тўғрисидаги таассуротларимни тортиб ола билмайди. Шунинг учун шариллаб оқаётган ёмғир остида кетаётиб, Худога ҳамду санолар айтдим. Шу орада ёмғир ҳам, булутлар ҳам, қоронғулик ҳам Худойимдан менга хабар олиб келаётганини билдим. Тўсатдан ҳамма нарса ўзгариб кетди. Бир дақиқа ҳам нафас олмай Хаусток устидан булутлар тарқаганда пайдо бўлган манзарани завқланиб томоша қилдим. Кейин ярим соат ўтар-ўтмас барча қорли чўққилар илгари ҳеч бўлмагандай ғойиб бўлди. Мен Бергфридон пансионатига ҳали етиб келмасимдан, яқин орадаги тепаликлар, далалар, уйлар кўзга кўринмай қолди. Ёмғиру тумандан бошқа нарса йўқ эди. Шунда Худойим айтди: «Бундай ўзгаришлар ҳаётда ҳам юз бериб туради. Ҳозир тоғни ҳис қилиш, кейин водийга тушиш мумкин бўлар. У ерда эҳтимол, вазият ўзгаргани учун ҳеч нарса кўринмаяпти. Аммо сен Мен кўрсатганларгагина қаттиқ ишон. Ҳақиқат яширилгандай туюлса ҳам, у ўша ерда. Сен Хаустокни кўрдинг. Ҳозир ундан из ҳам қолмагандай кўринса ҳам, у ўша ерда. У ҳақиқат. Туман ва булутлар — ўткинчи, улар бир лаҳзада ўтиб кетадилар. Аммо чин ҳақиқат яна пайдо бўлади». Чиндан ҳам, ажойиб хабар! Усти-бошим жиққа ҳўл бўлиб, ўзимни ёмон ҳис қилаётган эдим, пансионатга келиб, қуруқ кийимларимни кийиб олдим. Риет яйловлари чиндан ҳам, кўздан ғойиб бўлиб қолди, гўё олдин бўлмагандай. Менинг столим устида эса гажак ўтлардан қилинган гулдаста вазада турибди. Бу гулларни Риет яйловларидан териб олгандим. Мен ҳозир, балки, Риет яйловларини ҳам, кеча Эгам менга зоҳир қилган манзараларни ҳам ҳеч кимга кўрсата олмасман. Аммо Риет яйловлари мавжуд, бунга гажак гулларим гувоҳ. Худойим менга намоён қилган мақсадлар ҳам, режалар ҳам, Унинг менга берган сабоқлари ҳам ҳақиқий! Мана шу кичкина ён дафтарларимда Худойим менга кўрсатганлар ёзилган. Улар ҳам худди гажак ўтларга ўхшаб кўзга кўринадиган гувоҳлардир. Юқорига кўтарилиш куни: Чўққиларга кўтарилиш Браунвальд, эрталаб 7:20 Ҳозир ҳамма нарса шундай гўзалки, буни кўриб одамнинг нафаси тўхтаб қолади. Уйғонганимда эса ҳар қачонгидан ҳам қалин туман тушган эди. Қимматли икки ҳафта вақтимнинг ярми ҳам ўтиб қолди. Ҳали ўрнимда ётар эканман, қаршимдаги барча улкан қорли чўққиларнинг тонг нурида ялтирашини, мовий осмонни томоша қилдим. Булутлар эса унчалик паст, тунд эмас, балки оппоқ, енгил. Сигирларнинг қўнғироқчалари жаранглар, қуёш нурларини сочарди. Хизматчи роҳибалар хонадан хонага юриб, Юксалиш байрамига мадҳия ўқишарди. Улар ҳозиргина ётоқхонам эшиги тагида туриб мадҳия айтдилар. «Энди биз кўпчилик бўлиб қўшиқ куйлаймиз. Халилуллия! О Раббимиз Исо! Омин! Ҳамма нарса бугун эрталаб Сени шарафлар. Чўққилардан қоронғулик кўтарилгандаги нур худди Сенинг юзингдан таралаётган нурга ўхшайди». «Мусо тоққа кўтарилди…тоғни олти кун давомида булут қоплаб турди. Еттинчи куни эса Худо Мусони булутлар орасида чақирди» (Чиқ. 24:15,16). Бу ерга келганимга бугун етти кун бўлди ва биринчи булутсиз, ҳаво очиқ кун. Мусаффо, мовий осмон ортида тоғлар аниқ кўриниб турибди. Мени яхши кўрадиган Худо билан учрашган, қўйлар сув ичадиган жойдан Алп ўтлоқлари, тоғ ён бағирлари бўйлаб Соссельбан арқон йўлидан бир-бирининг кетидан бошим узра тебраниб, осма ўриндиқлар пастга тушарди. Ўриндиқларда бемалол гаплашиб, кулишиб юқоридан менга имо-ишора қилиб Берг- Фриденлик роҳибалар ўтирганларини кўриб қотиб қолдим. Улар орасида доимо мен билан бир столда ўтириб овқатланадиган аёл ҳам бор эди. Агар ҳаво яхши бўлиб турса, у тушдан кейин мен билан бирга Экстокка бормоқчи эди. Эҳтимол, мен уйдан анча эрта чиқиб кетганим учун, унинг режалари ўзгарганини билмай қолган бўлсам керак. Шундай қилиб, бугун эрталаб улар мени ёлғиз қолдириб, ҳаммаси юқорига менсиз кўтарилишарди. Агар энди мен юқорига кўтариладиган бўлсам, мени ўзига ром қилган мана шу ваҳимали ўриндиқларда ўзим ёлғиз кўтарилишим керак. Мен ўзимни алдангандай ҳис қилдим. Бирдан ёлғиз ўзим юқорига кўтарилишга қарор қилдим ва Худога ҳамду санолар айтдим. Наҳотки мен ўша — ўз жамоати биноси минорасига чиқишга ҳеч ким мажбур қила олмайдиган, ҳатто кўп қаватли бинонинг юқори қаватидан пастга қарашга қўрқадиган аёл-а?! Мен — биринчи марта мана шу осма ўриндиқларни кўрганда қўрқувдан титраган аёл, энди чиндан ҳам бошни айлантирадиган, тебраниб турадиган ўриндиқлар мени Чўққиларга олиб чиқишини хоҳлайман. Шундай қилиб, тушликдан кейин Соссельбан арқон йўли станциясига жўнадим. Мен ваҳимага тушишдан қўрқардим, аммо қандайдир ғалати завқли туйғу қалбимда ҳукмрон эди. Охирги кунларда Соссельбан Худонинг ваъдаларига мени шунчалик илҳомлантирдики, уларга ишонишга ўзимда зарурат сездим. Бу Худонинг хоҳиш-иродасига ва Унинг келажак тўғрисидаги режаларига итоат этганлигимнинг ташқи аломати бўлади. Бекатга келганимда мени нохуш хабар кутарди. Тоғ чўққисида электр кабелига нимадир бўлгани тўғрисида бекат ишчиси айтиб қолди. Шунинг учун ҳаво ўриндиқларининг ҳаракати тепага ҳам, пастга ҳам тўхтатиб қўйилган эди. «Аммо агарда сиз истасангиз, охирги одамлар тушиб бўлгандан кейин сизни юқорига чиқарамиз, аммо чўққиларда электр кабел тузатилгунча ўша ерда қоласиз», дедилар менга. Ҳатто йўғон сим арқоннинг узилиб кетгани ҳам мени тўхтатиб қололмади. Эртасига яна ҳаво бузилиб, ёмғир ёғиб қолишидан қўрқардим. Аммо юқорига бир ўзим кўтарилишим кераклигини, мана шу ҳаво ўриндиқларида бир ўзим чайқалиб боришимни кўз олдимга келтириб, иккиланиб қолдим. Шу пайтда маҳаллий аёллардан олтитаси келиб қолди. Улар бошларини кўтариб, ҳаво ўриндиқларига, сим арқонга ва чўққиларга қарадилар. Улар менга: «Шу ўтирғичларда юқорига чиқишга қўрқяпмиз, сизга ҳам чиқишингизни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Мен энди қайтиб кетаман, деб турганимда, ёнимга бекат хизматчиси югуриб келди ва ўриндиқлар ҳозир пастга тушиб келаётганини айтиб қолди. Мен кута бошладим. Бир аёл ҳам қизчаси билан келиб қолди. Улар ҳам чўққиларга чиқмоқчи эканлар. Соат 14:24 да ҳаво ўриндиқларига ўтирдик. Биз фақат уч киши бўлганимиз учун, аёл қизи билан битта ўриндиққа, бир ўзим битта ўриндиққа ўтирдим. Ёнимда битта ўриндиқ бўш қолди. Юқоридаги станцияда электр кабелини таъмирлаш учун бораётган хизматчини биринчи бўлиб жўнатдилар. Ҳар бир жуфт ўриндиқ орасида анчагина масофа бор эди. Мен ўриндиққа ўтириб олиб, эни мени қачон жўнатаркинлар, деб кутиб ўтирдим. Юрагим ҳам қўрқувдан, ҳам ҳаяжондан тез-тез урар, аммо кутганимдан кўра анча хотиржам ва бундан ўзим ҳам ҳайрон эдим. Олдинлари мен баландликлардан қўрққаним учун, Сессельбан ўриндиқларида ҳеч қачон юқорига чиқа олмасам керак, деб ўйлардим. Мана энди бир ўзим, ҳамроҳсиз, ҳамдардсиз, ҳимоячисиз юқорига жўнатишларини кутиб, ўриндиқда ўтирибман. Бунинг ҳаммаси ўзини ўзи эътиқодга бағишлашнинг белгисига айланганда, мен энди орқага қайта олмасдим. Бекат хизматчиси менга жилмайиб қўйди. Орқамда ўтирган қизча «хе-хе-хе»лаб кулди. Уларнинг ҳаммаси бор овозда бақирдилар: «Хайр! Учрашгунча!» Шунда хизматчи ричагни босди. Менинг ўриндиғим станциядан чиқиб, олдинга интилди. Сўнгги 15 дақиқа давомида ўриндиғимнинг ҳавода тебранишини тўхтатаман, деб бекорга уринган эканман. Ҳаво ўриндиқлари қўрқинчли жарлик устидан ўтиб борарди. Қўрққанимдан ҳеч нарса қила олмасдим. Олдимда фақат иккита йўл бор: ё пастга сакраш, ё ўтирган жойимда хотиржам ўтириш. Осма ўриндиқлар бекатдан жуда катта тезлик билан учиб чиқди. Кейин секин, бир текис юра бошлади. Пастда тоғ ён бағирларидаги гажак ўтлар, айиқтовонлар кўплигидан олтиндай товланадилар. Атрофда эса миноралар сингари, қорли чўққилар қад кўтариб турардилар. Юқорига кетаётганингизда, водийнинг нариги томонидаги тоғларгина кўриниб туради. Пастга кетаётганингизда эса, Ортсток ва Экстокка, катта жарликка рўпара ўтиришга тўғри келади. Биз борган сари юқорилайвердик. Баландлик энди менга ваҳимали туюлмас эди. Бир неча дақиқа ичида мен ҳар доим Худога сажда қиладиган жойдан ва харсанг тошли жарликдан ўтганимдан кейин, қалбимни ғалати бир туйғу қамраб олди. Агар бу туйғуга итоат этсам, мени ваҳимага солишини билардим. Шунда хаёлимдан бир фикр ўтди: «Агар ўзим истасам ҳам тўхтай олмайман, ўриндиқдан тура олмайман». Мен ўриндиғимни маҳкам ушлаб олиб, хитоб қилдим: «Раббим! Чўпоним… Ёвузликдан қўрқмайман, чунки Сен мен билансан!» (Забур 22). Шу лаҳзада қўрқув туйғуси ўтиб кетди. Мен кўз олдимда очилаётган ажойиб манзарадан завқланиб борардим. Пастда водийлар, тоғ яйловлари ортда қолди. Атрофда фақат тоғлар, чўққилар тобора яқинлашиб бормоқда. Орқамда ўтирган аёл билан қизи менга кўриниб турарди. Орқамда жарлик, олдимда чўққилар. Кейин жарлик анча узоқда қолиб кетди. Олдинда гуллар билан қопланган ям-яшил тоғлар кўринди. Биз борган сари юқорилаб борардик. Ниҳоят, юқоридаги бекат кўринди. Менинг ўриндиғим шовқин солиб, узун, қоронғу айвон тагига шўнғиди. У ердаги хизматчи ҳаво ўриндиғида ёлғиз аёлни кўриб, ҳайрон бўлиб менга қаради. У ўриндиқни тўхтатгандан кейин, мен тушдим. Мен Чўққиларга етиб келган эдим. Эксток чўққиларида Мен айвондан чиқиб, тор сўқмоққа бурилдим ва баланд ям-яшил тоғ ён бағридан Экстокка етиб бормагунимча кетавердим. У ерда биронта ҳам дарахт йўқ экан. Ҳар жой-ҳар жойда оппоқ қорли оролчалар. Тик тоғ ён бағридан йигирма дақиқача юриб, Чўққига етиб келдим. Бекат анча орқада — пастда қолиб кетди. Йўл охирига борганда ҳансираб қолдим. Ниҳоят, Худо мени олиб келмоқчи бўлган жойга етиб келдим. Шу ерда туриб атрофни кузатар эканман, бирдан бугун еттинчи кун экани, Худо мен билан ўзгача бир тарзда гаплашмоқчи эканини тушундим. Шунинг учун У мени бу ерга бир ўзимни чақирди. Бўлмаса бу ерга эрталаб гуруҳ билан бирга келган бўлардим. Худо билан гаплашишим учун ҳали икки соат вақтим бор. Мен қаттиқ чим устига ўтирдим. Чўққиларга кўтарилаётганимда эсаётган совуқ шамол энди тўхтаган эди. Қуёш илиқ нурларини сочиб турарди. Шу тариқа мен икки соат шу ерда ўтириб Худонинг сўзларини тингладим. Мен Худойимнинг даъватини эшитдим, Сессельбан мактуби ҳам мен учун тушунарли бўлди. Худо Ўзининг амр этганларини бажаришим учун, У менга куч ато қилишини ҳам билардим. «Сизни даъват қилаётган садоқатлидир. У Яратувчи ҳамдир» (1 Сал. 5:24). Эксток қояси худди девор ёки икки водийни ажратиб турадиган чегарага ўхшайди. Мен ўтирган жойимдан қорли чўққилар билан ўралган бошқа водийга қарадим. Бу ерда мен худди «юксак ва кўкка кўтарилган»дай ўтирардим. Айни пайтда Худо оёғининг остидаги курсида ўтиргандай туюларди менга. Шу пайт бирдан оҳиста, аммо меҳрибон овоз менга мурожаат қилди: «Ханна, шу ерда менга атаб қурбонгоҳ яса». Бу сафар хеч қандай кураш, қўрқув ва азоб-уқубатлар, ўзлигидан воз кечишлар бўлмади, аксинча, қувонч, севги, иззат-икром, умид, эътироф ҳукмрон бўлди. Менинг юрагим чуқур завққа тўлди. Шунда мен энди йўлим очиқ эканини билдим. Худонинг хоҳиш-иродасига кўра, ҳозир мен қурбонгоҳга ўзлигимни қўйишим мумкин эди. Бундан бир неча йиллар аввал худди шу тоғда — 1924 йили У менга, дудуқ тилингни Менга қурбонлик қил, деб даъват қилган эди. Худо мени қаерга юборса — Британия оролларигами, Фаластингами — ўшаларга Хуш хабарни айтишим керак эди. Ўшанда У мени яна Ўзининг йўл бошловчиларидан, Қуддус миссиясида Унинг хизматчиси бўлишим учун чорлаган эди. Энди эса менга Ўзининг янги ниятини аён қилмоқчи. Шунинг учун Худойим деди: «Энди сен мана шуларнинг ҳаммасини ёзишинг керак, Ханна. Шу дақиқадан бошлаб сен ҳам йўл бошловчи, ҳам ёзувчи бўласан». Воқеаларнинг моҳиятини Мендан қабул қилиб ол, сенга нимани айтсам, ўшани ёзиб ол. Шундай қилсанг, бошқаларни илҳомлантирасан». Буларнинг ҳаммаси осойишта, тинч, оддийгина бўлди. Бундай пайтда қуйидагиларни гапирмаслик керак: «Эй Эгам! Мен буни қила олмайман, адашиб кетаман, ғалати қилиқларим бор. Мен равон, саводли ёза олмайман, ёзганларимда на шакл, на мазмун бўлади. Ундан ташқари, хатоларимни доимо тузатиб бориш лозим бўлади». Йўқ, мен фақатгина ҳурмат-эҳтиром, қувончга тўла миннатдорчилик ҳиссини туйиб, чуқур сукут сақлаб турардим. Мени шу топшириқни бажаришга чорлаётган ишонч менга ижод истеъдодини ато қилади. Шу истеъдод, қобилият Унинг каломини ёйишим учун менга куч беради. Менга, бошқалар тановул қилишлари учун нон тайёрлаш керак эди, деб айтадилар: «Шу пайт менинг олдимга само лашкарларидан бири учиб келди, унинг қўлида қурбонгоҳда ёнаётган кўмир чўғи бор эди» (Ишаё 6:6). Аммо бу сафар у менинг лабларимга эмас, бошимга ва қўлларимга тегиши лозим эди. Ана шундан кейин Эгам бошқаларга ёйишимни истаган нарсаларнинг барчасини ёзиш ва нашр қилиш қобилияти менда пайдо бўлди. Бу ерда — худди девордай қорли чўққилар билан ўралган Эксток тоғларида мен Эгам учун ёзувчи бўлишга даъват қилинганимни жуда яхши билар эдим. Шундай қилиб, Эгам менда бўлиши лозим бўлган ҳадяни олишим учун марҳамат қилди. Шу пайтгача дудуқ тилимга шифо топиш учун ҳаракат қилиб юрардим. Шу боис бу ҳадядан фойдаланмас эдим. Икки соатдан кейин Соссельбаннинг арқон йўли орқали тоғ чўққисидан пастга қараб йўл олдим. Пастга тушаётиб, Орсток ва Хор Турим тоғларига қараб хаёл сурардим. Мен уларни худди инсонларни севгандай, ўртоқларимни севгандай яхши кўрардим. Чунки бу тоғлар доимо Худога ҳамду санолар айтиб, мен учун Унинг элчилари бўлган эди. Мен пастга тушганим сари, тоғлар баландлашиб борарди. Ниҳоят, улар бошим узра худди миноралардай виқор билан туришарди. Биз жарликка етиб келганимизда, қуёш бир неча дақиқа кўздан йўқолиб қолди. Сўнг ям-яшил далалар, ўрмонлар пайдо бўлди. Мен арқон йўлнинг ҳеч қачон тамом бўлмаслигини жуда истар эдим. У мени ер ва осмон ўртасида қушлардай парвоз қилиб юришимни истаган эди. Аммо сим арқон пастга шўнғиди, биз шиддат билан станцияга кириб келдик, ўриндиқлар яна ерга қўнди. Мен аста юриб Бергфриден Хаусга қайтдим. Қалбим қувончга тўла, чунки Эгамнинг ҳузурида бўлиб қайтдим, Унинг овозини эшитдим, Унинг хоҳиш-иродасини билдим. Эгамнинг ваъдалари мени Чўққиларга олиб чиқди, ўша ваъда мени соғ-саломат яна пастга олиб тушди. Шу фикрлар менга тасалли берди. Мен киборланиб кетишимга булар йўл қўймайди. Эгам Ўзининг кичик хизматкорига қалб итоаткорлигини инъом қилади ва «Ўзининг қанотлари соясида бўлишим» учун ижозат беради. Булутлар ва туман Браунвальд. 1949 йилнинг 31 майи. Бугун менинг қирқ тўртинчи туғилган куним, Браунвальддаги охирги куним. Атрофни қалин парда сингари туман қоплаган, яқин орада туман тарқалишига ҳеч ишонч йўқдай. Деразам тагидаги гуллар, сўқмоқ ёнидаги кичкина пастак арчалардан бошқа ҳамма нарса оқиш чанг ичида қолган. Атрофда ҳеч қандай қорли чўққилар, тоғ тизмаси, ям-яшил водий, гулларга бурканган далалар йўқдай. Бу ерларда илгари ҳеч қачон бўлмаган одам шу туман пардаси ортида нима борлигини сезмасди ҳам. Мен яхши кўрадиган соатлаб кўз узмай томоша қиладиган манзара тамомила кўздан йўқолган эди. «Ҳеч нарса кўринмаса ҳам, ҳаммаси жой-жойида турибди, — дер эди меҳрибон Эгам. — Чунки ҳаммаси туман ортида қолиб, худди йўққа ўхшаб қолди. Аммо ёдингдан чиқарма: ҳеч нарса йўқолмайди. Мавжуд нарсалар ҳозир кўзга кўринмаяпти, аммо яна зоҳир бўлишлари учун, вақти-соатини кутиб турибди. Уларнинг сенга айтадиган охирги сўзлари мана шулардир: кўринмайдиган нарсаларга қаттиқ ишон. «Чунки кўринадиган нарсалар вақтинчалик, кўринмас нарсалар эса абадийдир» (2 Кор. 4:18). Мен нонушта қилгани тушдим. Юрагим қўшиқ куйларди. Худо ваъдаларининг Сосселбани Унинг режалари ва аҳдларини бажаришга мени етакларди: «О Эгам! Ижозат бер, тайёргарлик кўрай, «Буюклик либослари»ни кийиб, Сенинг хоҳиш-ироданг қаршисида қувончли туйғулар билан пайдо бўлай. Атрофдаги чанг, ғубор аҳамиятсиз. Бугун бу ерда менинг охирги куним ўтяпти. Шунинг учун ҳар доим Эгамга илтижо қиладиган жойга бора олмайман. Аммо буниси ҳам аҳамиятсиз. Бугун туғилган кунимда шу хонадан чиқмасдан, Сенга ҳамду санолар айтиб кунни ўтказишимга имкон бер. Эй Эгам, бундан яхшироқ яна нима бор?! Майли, туман сабабли биз хонага қамалиб ўтирайлик. Мен тоғлар ва шаршараларнинг, далалар ва гулларнинг такрорланмас гўзал овозларини эшитдим. Энди эса Сенинг овозингни эшитмоқчиман. Менга бундан бошқа нарса керак эмас. Дераза ортида кўздан йўқолган гўзал манзаралар ҳам аҳамиятсиз. Эй Худойим! Сенинг юзингни кўришим учун, қўлларим қўлларингни ушлашига ижозат бер. Юрагимда «Сулаймоннинг гўзал қўшиқлари»нинг сўзлари янграмоқда: «Эй суюклимнинг овози! Ана у келяпти. Тошлардан тошларга сакраб, тепаликлардан ошиб келяпти» (Қўшиқ. 1:8). 1949 йилнинг 1 июни. Кеча эрталабдан кечгача ҳамма нарса қалин туман пардаси билан ўралган эди. Туман пардаси ҳеч кўтарилмайдиганга ўхшарди. Бугун эрталаб уйғондиму табиатда ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини кўрдим. Икки соатдан кейин кўп нарсаларни ўрганган севимли, Худонинг марҳаматига сазовор бўлган жойдан кетишим керак. Мен охирги марта менга дўст бўлиб қолган тоғларни якшанба куни томоша қилдим. Шунда ҳам тоғлар қоп-қора булутлар билан қопланган осмон фонида улуғворлик билан қад ростлаб турарди. Ўша кун тунда туман тарқалиб, ёмғир бошланди, ҳалигача тўхтагани йўқ. Тўғри, битта истисно ҳам бор эди. Душанба куни тушдан кейин туман бир оз кўтарилди. Ўша куни мен машҳур кузатиш майдончаси Оренплаттага сайр қилдим. Вақти-вақти билан туман кўтарилиб, дераза ойнасидан бир неча дақиқага оппоқ қорли тоғлар кўринди. Бир пайт Шайдстакли чўққиси оппоқ кумуш минора каби ялтиради. Мен нафасимни ичимга ютиб, кузатиб туравердим. Бир неча дақиқадан кейин Шайдстаклини яна туман қоплади ва тўсатдан бошқа «дераза» очилди. Менинг кўз ўнгимда Маттенсток «баланд, самоларга бўй чўзган» ҳолда бутун гўзаллиги билан намоён бўлди. Қуёшнинг ёрқин нурлари уни шунчалик чулғаб олдики, худди «осмон туйнуги» очилиб кетгандай бўлди. Мен ўша туйнукдан «кўп яшовчилар»дан биттасига ёки осмон саройига қарадим (Юҳ. 14:2). Туман бўлгани сабабли, бу кўринаётган чўққилар анча баланд кўринишарди. Улар гўё осмондаги бошқа бир дунёга тааллуқлидай эди. Сайр қилиб юрар эканман, хаёлимда бир фикр қайта-қайта жонланарди. «Сенинг нур сочиб турган юзинг билан менинг юзим орасида худди зулматга ўхшаб туйғулар, ҳиссиётлар тумани туриб олди. Бир мадҳиядан айни ана шу нарса жуда гўзал ифодаланган. Ҳа, Эгам гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда, туман пардасини кўтариб, улуғворликка бошқа томондан қарашимга имконият яратаётгандай эди. Ҳаво очиқ кунда Оренплаттида жуда ажойиб манзара намоён бўлишига менда асло шубҳа йўқ эди. Олисдаги пастликда яшил водийдан Чўққи томонга арқон йўл орқали кичкина кабина кўтарилиб келарди. Откриткалардаги тасвирига қараганда, буни ёпиқ трамвайга ҳам, қанотсиз кичкина самолётчага ҳам ўхшатса бўлади. Сесселманнинг очиқ ўтирғичларига асло ўхшамас эди. Ўша куни кузатиш майдончасидан атрофга назар ташлаганимда, туман борлиги учун атрофда ҳеч нарсани кўриб бўлмади. Менимча, шундай бўлгани ҳам яхшироқ эди. Кутилмаган ҳар қандай кишини ўзига мафтун қиладиган осмон ойнасида вақти-вақти билан пайдо бўладиган тоғ манзараси шунчалик гўзал кўринардики, ҳаяжондан нафасинг тиқилиб қолади. Мен тоғ ён бағри бўйлаб кетган тор сўқмоқдан борар эдим. Юқорида ҳам эмас, пастда ҳам эмас, сўқмоқ атрофи бўйлаб очилиб ётган гуллар жуда гўзал. Охирги далада эса капалак гуллар қийғос очилиб ётибди. Улар нафис, муаттар ҳид таратади. Мен Оренплаттга етиб борганимда, атрофда ҳеч нарса кўринмас эди. Шу ерда бир кафе бўлиб, унинг тепасига: «Кузатиш майдончасига шу йўлдан бошқа йўл йўқ», деб ёзув осилган, кафе ҳам аранг кўриниб турарди. Мен орқага қайтиб, уйимга шошиб кетар эканман, гулларнинг ҳидларига маст бўлиб, гулларга, туманга мамнун бўлиб боқардим. Қулоқларида эса қуйидаги сўзлар жаранглаб турар эди: «Кўринмас нарсага қаттиқ ишон. Худо сенга бир марта кўрсатганни, гарчи улар кўринмас бўлса ҳам, эсдан чиқарма. Сизларни даъват қилаётган сизда жуда содиқдир. У ҳамма нарсанинг Яратувчисидир» (1Сал. 5:24). Орқада Браунвальдни қолдириб, мен арқон йўл орқали пастга — водийга қайтиб жўнадим. У ерда Браунвальд чўққиларига чиқа олмайдиган автомашиналар, текис йўллар бор эди. Йўлда дала гуллари менга охирги топшириқни етказдилар. Мана улар — ёмғирдан ҳўл бўлиб, туман ичра гўзал бўлиб очилиб ётибди, Бўйлари ҳар хил — паст, баланд; ранглари турлича: оқ, қизил, сиёҳранг, тиканли, тикансиз — тоғ ён бағирларига гиламдай ёйилган. Бу гуллар менга юқорида кўрганим ўтлоқзорларни, қуёшда олтиндай товланиб турадиган сап-сариқ карнайгулларни, гажак гулларни эслатади. Мен ўзим бораётган томондаги наргис гуллар билан қопланган далалар тўғрисида ўйладим. Улар ҳақидаги хотираларим йигирма етти йилдан буён юрагимда яшайди. У ерга онам билан бирга борган эдим, ўшанда онам охирги марта меҳнат таътилига чиққан эди. Гулларнинг топшириқлари Худонинг бизга ҳар куни кўрсатадиган мурувватли севгиси ва меҳрибон илтифоти ҳақидаги шунчаки эслатиш эмаслигини тушуниб етдим. Аммо гуллар ҳам, Худонинг топшириқларини бизга етказувчи табиат гўзалликлари каби, Унинг биз орқали бошқаларга етказмоқчи бўлган ажойиб севгиси ва меҳр-мурувватлари ҳақида сўзлардилар. Шунингдек, Брумбах шаршаралари ҳам биз орқали инсонларга оқиб борадиган Худо севгиси ҳақида эслатардилар. Чўққилар эса бизни кўтармоқчи бўлган Худонинг ишонч чўққилари ҳақида гапирардилар. Биз бошқаларга ҳаёт ато этадиган қувонч билан Чўққилардан оқиб тушишимиз керак эди. Бизнинг ҳар бир кунимиз худди шундай бўлиши керак — бошқаларга қувонч, тасалли, гўзаллик, далда берадиган атрофдаги дала гулларига ўхшаб. Ҳа, ҳақиқатан менинг Швейцарияга келишим фақатгина ўзимнинг кўнгилхушлигим учунгина эмас, балки кўрганларим, англаганларим билан бошқаларни таништириш имконияти менда пайдо бўлиши учун ҳамдир. Эҳтимол, бу ёзганларимни У қачонлардир шу гўзал мақсадлар йўлида ишлатса, ажабланарли жойи йўқ. Лез-Аванга саёҳат Мен тўққиз соат давомида Швейцариянинг бир бурчидан иккинчи бурчагига йўл юрдим. Женева кўли бўйидаги Лозаннога етиб келганимда, соат 15:30 бўлган эди. Саёҳатимни Лез-Аван тоғларига томон давом эттирдим. Аммо шу ерда — Гларусе тоғларидан шунча узоқда ҳам чўққилар туман билан қопланган эди. Ниҳоят, 17:10 да арқон йўл мени «Салун» меҳмонхонасига олиб келди. Меҳмонхона жуда ажойиб, хонамнинг деразалари кўлга қараган, гўзал, ниҳоятда қулай эди. Биринчи куниёқ кечқурун нарсаларимни жойлаштириб, сайрга ҳам чиқиб келдим. Мен энди тавба қилиб, Эгамга сажда қилмоқчиман. Меҳмонхонага қайтиб келаётиб, ўзимда чинакам ўкиниш туйғусини ҳис қилдим. Бу ерлар ҳам ниҳоятда гўзал, аммо тоғлар туман билан қопланган эди. Албатта, мен чарчаган бўлсам ҳам, азиз бўлиб қолган дўстларим — тоғларни жуда соғинган эдим. Мен икки ҳафта Браунвальдда бўлган пайтимда бу тоғлар менга кўп нарсаларни ўргатди. Аммо менинг ўкинчим бундан эмас, наргис гуллар ҳам ҳали тугамаган, бу гуллар беқиёс гўзал. Наргис гуллар ўсиб ётган тоғ ён бағирлари худди қиров билан қоплангандай оппоқ бўлиб ялтираб турибди. Атрофдаги тоғлар ниҳоятда тик, тепага ҳам, пастга ҳам йўл йўқ. Тоғ ён бағирларида ҳам сўқмоқ кўринмайди. Ҳаммасидан ёмони — наргис гуллар ўсиб ётган далалар қўл етмас жойда эди. Далалар атрофи сим билан ўралган бўлиб, уларда шундай ёзувлар осилган эди: «Дала эгаларининг рухсатисиз йўл бўйидаги майдонларга кириш манъ этилади». Буни мен асло кутмаган эдим! Бундан йигирма етти йил муқаддам онам, дўстларимиз билан бу ерларда бемалол сайр қилган эдик. Энди эса ҳаммаси тижоратга ўтган, шекилли. Албатта, бу машҳур, кенг реклама қилинадиган диққатга сазовор жой. Айниқса, йилнинг шу пайтида — наргис гуллар қийғос очилганда. Менимча ҳам, буларни қўриқлаш керак, акс ҳолда сотгани юлиб кетадилар. Аммо ачинарлиси шуки, мен Худо билан яна қаерда ёлғиз қолишим мумкин?! Наҳотки, мен Лез-Аванга шундай ҳафсалам пир бўлиши учун келган бўлсам?! Яна алғов-далғов бўлиб турган, уруш даҳшат солиб турган Яқин Шарққа боришим керак?! Нима бўлса ҳам, сим тўсиқлар ортидаги қўлим етадиган жойдаги гуллардан озроқ териб олдим. Ойнинг оппоқ нурларида товланиб турган далаларни бирпас томоша қилиб турдим. Бу далалар қанчалик гўзал бўлмасин, мен барибир, Браунвальдни қўмсардим. Бугун эрталабдан туман бўлди, кейин ёмғир ёғди. Мен бу ерда бор-йўғи тўрт кунгина бўламан. Кейин яна йўлга жўнашим керак. Чамаси, Худойим менга муҳим бир гапни айтмоқчига ўхшайди. Унинг айтмоқчи бўлган гапларини эшитишни, англашни жуда истайман. Ягона қувончим — ҳар куни бўлиб ўтаётганлар учун, яъни қувончларим учун ҳам, қайғу-аламларим учун ҳам Худога ҳамду санолар айтмоқдир. Ахир, миннатдорчилик билан қабул қилинадиган кўнгилсизликлар доим нур сочиб турган мурувватга айланди-ку! Тўсиқ ортидаги наргис гуллар очилиб ётган майдонлар билан боғлиқ бир шеър хаёлимда қайта-қайта янграяпти. Наргис гулларни томоша қилай, Худойимнинг сўзларини эшитай, гуллар орасида ўтирай, деган умид билан мен шунча узоқ йўлни босиб ўтдим, ахир. Аммо ҳатто қуёш чиққанда ҳам, мен бунга қўлим етмаслигини билиб турардим. Бранувальднинг ажойиб далалари билан Лен-Аваннинг сим тўсиқлари ортидаги гулларга бурканган далалар ўртасида қанчалар кескин фарқлар бор-а! Аммо жуда юмшоқлик билан Худойим менга «Сулаймоннинг гўзал қўшиқлари»дан олинган парчаларни ёдимга солаверди: «Тўсилган боғ — менинг синглим, келиним, асир олинган қудуқ, беркитилган булоқлар…» (Қўшиқ. 4:12). Худойим олдимдаги тўсиқларни бўлаклаб-бўлаклаб синдирмасидан олдин, менинг ҳаётим ҳам шундай эмасмиди?! Қанчадан- қанча оддий инсонлар учун ёпиқ «кўргазма-боғ» мавжуд эмасмиди?! Менимча, илгари бу одамларга нисбатан зиғирча ҳам қизиқмасдим. Энди менинг қалбим бошқаларга қувонч улашиши учун очиқ гулзорларга айланиши керак. Ўша ажойиб китобда худди шу сўзлар бор: «Эй шамол, кўтарил, шимолдан эсиб кел, жанубдан югуриб ел, боғимда эс — унинг муаттар ҳидлари атрофга таралсин! Суюклигим ўз боғига келсин, боғнинг ширин-шакар меваларидан тотиб кўрсин. Мен ўз боғимга келдим, синглим; севгилим, муаттар ҳидли миррадан териб олдим. …Енглар, дўстларим, ичиб тўйинглар, суюклиларим!» (Қўшиқ. 4:16; 5:1) Монтлан ва наргис гуллар майдонига йўл Биринчи кун кеч соат бешларда туман тарқала бошлади. Пастда Женева кўли ястаниб ётарди. У худди илгаригидай мендан яширинган кечки қуёш нурларида артиб тозаланган мисга ўхшаб ялтирарди. Мен дераза олдида икки соатча ўтириб, ҳавонинг очилишини кузатдим. Кўл нур сочиб турган қувонч ва сокинлик рамзига ўхшайди. Булутлар секин кўтарилиб, узоқларга сузиб кетди. Куннинг энг авжи соат еттиларда бўлди. Ниҳоят, осмон мусаффо бўлиб, қуёш нур соча бошлади. Айвонга чиқиб, юқорига қарадим, шунда узоқ йўл босиб бу ерга келганимнинг сабабини кўрдим. Мана улар: тўрт, олти, саккиз ёшлигимда ота-онам билан Швейцарияга келиб кўрганим ва жуда севганим тоғлар. Дан-ую-Мидо ва Монблан тоғлари… улар энди аниқ-равшан кўриниб турардилар, гўзалликда тенгсиз, улуғвор тоғлар эдилар. Бир оз кейинроқ мен иккита меҳмонхона ходими билан деразадан қарадим. Улар, бугун тоғлар жуда гўзал, дедилар. Атроф ёмғирдан кейин уфқнинг заррин нурларига бурканган эди. Атродаги ҳамма нарса илоҳий бир тусга кирган, одатда бу кўриниш шаррос ёмғирдан кейин бўлади. Қарағайзорлар, ям-яшил тоғ ён бағирлари ва наргис гуллар майдони уфқнинг олтин рангида товланиб кўринади. Уфқ нурларида минора каби осмонга бўй чўзган Дан-ую-Миди чўққилари ҳам олтин тусига кирган. Ялтироқ чўққиларни биттагина тор йўл кесиб ўтган. «Баланд, юксалган — ғалаба қилган». Унинг ортида Швейцариядаги энг баланд тоғлар, қорли Монелан чўққилари қорайиб кўринар эди. Мен кўриш орзусида бўлган ва кўрмай қолишдан жуда қўрққаним ниҳоят, кўз ўнгимда намоён бўлди! Баланд, улуғвор, сокин чўққилар: «Парвардигори олам сизни ҳар қандай қувончдан баҳраманд қилсин, оламни ишончга тўлдирсин» дегандай туюларди. «Худо Ўз мурод-мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларга бажо келтирсин. Худонинг иродасини бажо этмоғингиз учун Ўзи сизларда ҳар қандай фазлу камолотни пайдо қилсин. Исо Масиҳга абадул абад шон-шарафлар бўлсин!» (Ибр. 13:21). Кейинги куни Худо мени, ибодат қилсин, деган мақсадда яхши жойга бошлаб борди. Сим тўсиқ ортидаги гулзор майдони бор тик қоялар орасига эмас, меҳмонхона ёнидаги ўрмон орқали ўтиб борадиган очиқ майдончага олиб борди. Бу ерда ҳамма нарса бор эди. Орқамда ўрмон, атрофимда, қаршимда ҳеч қандай тўсиғи бўлмаган, бемалол ўсиб ётган наргис гулларга бурканган тоғ ён бағирлари. Шундоққина рўпарамда Савойи ва Дан-дю-Миди тоғлари қад кўтариб турибди, уларнинг ортида ажойиб, оппоқ Монблан тоғлари. Ана, мовий осмон, чарақлаган қуёш, атрофдаги барча нарса таърифлаб бўлмас гўзал. Тоғлар четидан бошлаб туман юқорига кўтарилиб боради. Аммо тоғлар аниқ, равшан кўриниб турибди. Водийдан сигирлар бўйнидаги қўнғироқчаларнинг жаранг-журунги эшитилади. Бошқа товушларни қўнғироқчалар овози кўмиб юборган. Худойим мени яна нима учун Швейцарияга олиб келганини тушуна бошладим. Бу, менимча, қалбимда бўлиб ўтаётган ўзгаришлар ва бу разилликларга бой дунёга инсон боласи нима учун келишини тушуниб етишимга У аста-секин ёрдам бераётган эди. Нима учун бу ердаги ўлим билан барҳам топадиган ҳаёт бизга ишониб берилган? Ўйлашимча, биз ўзлигимизни унутиб, Худо севгиси ихтиёрига берилмоқни ўрганишимиз учун. (Самоларда эҳтимол, бу имконсиз бўлса керак.) Самоларда ҳамма ва ҳамма нарса севгига лойиқдир. Аммо Раббимиз Исо айтганидай, «Агар ўзингизни севадиганларнигина севсангиз, бундан сизга раҳмат бўлурми?» (Матто 5:46). Самода ҳамма бир-бирини яхши кўради, дўзахда эса биров бировни севмайди. Аммо ер юзида биз худди Худо ўргатганидай севиш ва севилишни ўрганишимиз учун бенуқсон муҳитдамиз. Шубҳасиз, севиш қийин бўлган инсонларга бўлган севги учун бутунлай ўзликдан воз кечиш… Улар бизга қайси бир жиҳатларимиз билан севгига лойиқ эмаслигимизни эслатиб туради. Севги — бу туйғу эмас. Бу бутун вужудингни қамраб оладиган хоҳиш — бошқаларга ёрдам бериш, оқ йўл тилаш, уларни дуо қилиш, нажот бериш, тасалли бериш ва кўнглини кўтариш истагидир. Айнан шунинг ўзини Раббимиз Исо амалга ошириб келган. Бу ерда — заминда Севги Худоси амалга оширадиган ишни биз қилишимиз учун имкониятларимиз бор. Бошқаларни севиш, излаб топиш, нажот бериш учун ўз «Мен»идан воз кечишни ўрганиш, жисмоний қониқиш ҳосил қилиш, бировни ёқтириб кўнгил бериш туйғуларини эмас, балки бошқаларга қувонч, бахт келтириш ва хайрли ишлар қилишдан олий даражада завқ туйғуларини бошдан кечиришдир. Худди Брумбах шаршаралари каби, ҳамма нарсангни бериб, шундай қилаётганинг эвазига қувончдан бошқа ҳеч нарса сўрамасдан баланддан пастга отилишдир! Биз шу сабоқни ўзлаштириб, ҳаётимизга татбиқ қилишини бошлаганимизда, биз бу мангу ўзидан ўзи воз кечиш севгиси дунёсида жасурлик билан ўзимизни худди «ўз уйимиздагидай» сеза бошлаймиз. Лез-Аванда Худо менга қайта-қайта такрорлади: «Бу шундай бахтки, севиш ва жавобига севги талаб қилмаслик керак. Бахтли бўлишга интил!» Бу сен кутаётган аллақандай туйғу ҳам эмас, шу севгини чорлайдиган қандайдир инсон ҳам эмас. Бу сенинг қарорингдир. Мен ўзлигимдан кечиб, пастликка отиламан. Қанчалик пастга тушганим сари, Худойимнинг севгисини бошқаларга шунчалик кўп бера оламан. Худди шундай қилган Севги Худосининг ўзи каби, Исо ҳам Коинотдаги энг паст жойни топиб, у ерда жойлашмагунча, кўнгли тўлмаган эди. Мен шу сабоқни ўзлаштириш ва абадий севги билан сева олиш қобилиятига эга бўлиш учун заминда кун кечиряпман. Наргис гулларнинг мактублари Наргис гуллар менга айтмоқчи бўлган ўша сабоқларини энди ўзлаштириб олдим. Кеча тушдан кейин сайр қилгани чиқдим. Олдинига сўқмоқ қалин, сирпанчиқ ўрмон ичкарисига кетди, кейин мен узоққа чўзилиб кетган ва ёввойи наргис гуллар билан қопланган тоғ этакларига олиб чиқди. Бу ерда ҳеч қандай сим тўсиқлар йўқ экан. Мана, бутун таровати билан атрофга муаттар ҳид таратиб турган гуллар. Сон-саноқсиз, ҳеч ким санаб саноғига ета олмайди. Қордай оппоқ гулзорлар худди оппоқ кийим кийган оломонга ўхшайди, ҳар ер-ҳар ерда олтинранг айиқтовонлар кўзга ташланиб туради. Ваҳий Китобида тасвирланганларнинг ойнадаги акси (7:9, 10). Наргис гуллар шундай ойдинлик ва муаттар ҳидлари билан мактубларини менга етказдилар. Мен буни улардан эшитаман, деб сира ўйламаган эдим. Аммо мактуб жуда гўзал эди. Мен шу гўзал гулларнинг ичида турардим, мана шу гўзалликка ва яна неча-неча милга чўзилиб кетган ана шу гулзор далалар чўзилиб кетганига ишонгим келмас эди. Шунда мен бир нарсани англаб етдим. Мен ана шу сон-саноқсиз наргис гулларнинг ҳаммаси бошларини пастга эгиб турганларини кўрдим! Ҳамма гуллар пастдаги водийга қараб туриш учун ўгирилиб олган эдилар. Уларнинг ўртасида туриб тоғ ён бағридан пастга қараганингизда, фақатгина уларнинг орқа томонини кўрасиз, холос. Ўгирилиб юқорига қарасангиз, сон-саноқсиз митти юзчаларни кўрасиз, ҳар бирининг бошида кичкина тожи ҳам бор. Ҳа, чиндан ҳам, худди мен ҳаворий Юҳанно кўрган ва ўзининг Ваҳий китобида тасвирлаганларининг аксини кўраётгандай эдим: «Шундан кейин қарасам, ҳар хил миллатдан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган, унинг ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада улкан бир оломон Арши Аъло олдида, Қўзининг ҳузурида турарди. Ҳаммаси оқ либос кийиб, қўлларида хурмо новдасини тутар эдилар. Улар баланд овоз билан: «Нажоткорлик тахтда ўтирган Худойимизга ва Қўзига хосдир!» — деб хитоб қилишар эди. .. Оқсоқоллардан бири гап бошлаб мендан сўради: — Оқ либос кийган бу одамлар ким, улар қаердан келганлар? — Эй тақсир, буни сиз биласиз, — дедим мен. У менга шундай айтди: — Булар буюк қайғудан ўтиб чиққанлар. Либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар. Шунинг учун улар Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг маъбадида кеча-кундуз хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирган эса чодирини уларнинг устига қуради. Улар бошқа оч қолмайдилар ҳам, чанқамайдилар ҳам. Энди на қуёш, на бирон-бир жазирама уларни қизитмайди. Чунки тахт ўртасидаги Қўзи уларни боқади, оби ҳаёт булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўз ёшларини бутунлай артиб юборади» (Ваҳий 7: 9,10, 13-17). Ҳа, наргис гуллар айнан шундай деб айтдилар. Улар тоғ ён бағирларида қатор бўлиб турардилар. Уларнинг ҳаммаси худди амфитеатрда ўтиргандай, сабрсизлик билан пастга — водийга қараб туришарди. Улар менга абадий севги сабоқларини ўзлаштириб олган одамлар тўғрисида ҳикоя қилардилар. Ана, улар сабрсизлик билан бизнинг ўша сабоқни қандай ўзлаштираётганимизни кузатиб турардилар. Уларнинг орасида менинг ота-онам ҳам бор. Агар улар ўзлари кетган нариги дунёдан гапира олсалар эди, улар менга шундай деб айтган бўлардилар: «Ханна, севиш — бу бахтдир. Севиш учун биратўла ўзлигингдан воз кеч. Бу — хочдир. Аммо бу ҳам ҳаёт, ҳам абадий қувончдир». Мен водийга тушдим ва бошқа чўққига кўтарила бошладим. Ўрмон ичидан ўтаётиб, кичкина-кичкина тошларга дуч келдим. Тошлар орасидан сув оқиб, кичик шаршара ҳосил қиларди. Кўприк устида мен нафасимни ростлаш учун тўхтадим. Яқиндаги кўлчада сув гирдоб ҳосил қилган, бу гирдобда эса кўринишидан бахтсиз еттита шохча тўхтовсиз айланарди. Мен кўприк тутқичига суяниб, уларни кузата бошладим. Шохчаларнинг гирдобдан қутулиб чиқишини, кейин пастликка қувонч билан оқаётган сувга қўшилиб кетишларини кута бошладим. Аммо бир қанча вақтдан сўнг бу бечора бахтиқаро шохчалар гирдобдан қутулиб чиқишлари учун жасорат етишмаётганини тушундим. Улар бошлари айлангунча айланавердилар. Аммо пастда озодликка эришиш учун чиқиб кета олмадилар. Ниҳоят, мен тескари бурилдим-да, шохчаларни тарк этиб, тепаликка чиқа бошладим. Мен Брумбах шаршараси ва бутун дунёдаги сувлар куйлайдиган қўшиқлар тўғрисида фикр юрита бошладим: «Биз доимо пастликка югурамиз, биз доимо пастроқ бўлишни хоҳлаймиз». Бир соат давомида юқорига кўтарила бордим ва доим наргис гуллар орасида бўлдим. Мен ҳеч қачон бундай гўзалликни кўрмаган эдим. Водийда мен яшаётган меҳмонхонадан бошқа меҳмонхона йўқ эди. Фақат ҳеч ким яшамайдиган бир нечта дала ҳовлиларигина бор эди, холос. Мен гуллар оралаб бир соатдан кўпроқ сайр қилдим. Чиндан ҳам мана шу сон-саноқсиз оқ либослилар орасида бўлганим учун менга марҳамат инъом қилингандай эди. (Чунки улар севги бобида бенуқсон эдилар.) Мен уларнинг қувончларига ва кўзни қамаштирувчи оқликларига қараб тўймас эдим. «Булар буюк ғам-қайғудан келганлар, улар ўз кийимларини заминдаги оламдан осмондагидай Қўзи қони билан оқартирдилар». Женева фаввораси Швейцариядан жўнаб кетадиган куним ҳам келди. Мен тоғ чўққиларидан пастга тушдим, бир неча соатни Женевада ўтказмоқчи бўлдим. Мен паркда кўл бўйида ўтириб, машҳур Женева фаввораси — Давлатлар Иттифоқи рамзини томоша қилиб турган эдим. Бир қарашда бу жуда таъсирли манзара эди. Сув ҳайратомуз баландликка учиб чиқар, кейин томчилардан кенг оқим ясаб, ерга қайтиб тушар эди. Аммо мен унга узоқ қараганим сари, камроқ ёқарди. Хаёлан Браунвальд жарлиги бўйида турибман. Сувнинг қоядан пастга шовуллаб оқишини кузатиб турардим. Улар ўзлигини унутиб пастга отиладилар. Мен яна бир янги сабоқни ўзлаштирдим. Женева фаввораси Брумбах шаршарасининг тамомила тескариси эди. Фавворани одамлар ўйлаб топган, қандайдир ғалати, бефойда, сунъий. У ясама ва мажбурланган севгининг рамзидир. Айни пайтда тоғ ён бағирларидаги шаршара, завқ-шавқ билан эркин қуюлаётган чин севгининг рамзидир. Женева фавворасини юқорига куч билан кўтаради ва у қаердан баландга отилган бўлса, ўша заҳоти ерга қайтиб тушади. Уни ердан сиқиб чиқаришгани зоҳоти, мавжудлигини бас қилади.Бу фавворада яна битта сувдан фойдаланилади. У ҳеч қандай фойда келтирмайди, фақат ўзининг ғайриоддий ва бир хил ҳаракати билан кўзни қувонтиради, холос. Айни пайтда ҳақиқий тоғ шаршараси ўз йўлида доимо тириклик инъом қилиб, ўзлигидан воз кечиб, қувонч билан пастга интилади. Эй Худойим! Сенга илтижо қиламан, буни заминдаги ҳаётимнинг ажойиб, қувончли олий мақсадига айлантир. Энг баланд жой Энди мен Исроилга учиб кетишим керак эди. Менинг рейсим соат ўн бешда учди. Об-ҳаво жуда ажойиб эди, ёмғир тўхтаган, туман тарқаб кетган. Мен ерни тарк этганимда, ер қуёш нурларига чўмиларди. Осмон ажойиб мовий рангда. Худойимнинг менга кўрсатадиган ажойиб шарафли инъоми бор эди. Биз Алп тоғлари устидан бир соатдан кўпроқ учдик. Мен буни кутмаган эдим. Ҳаттоки бунинг қандай аҳамиятга эга эканини хаёлимга ҳам келтира олмасдим. Агар биз бир кун олдин учганимизда эди, ҳаммаёқ туман билан қопланган, ёмғир остида бўларди. Ҳозир буларнинг ҳаммаси менга Юҳаннонинг Патмос оролида кўрганларига ўхшаб туюларди. Женева кўли анча ортда қолиб кетди. Кейин Швейцариядаги энг баланд Манблан тоғи устидан учиб ўтдик. У барча чўққилар устида худди улкан оппоқ тахтга — «баланд, ниҳоятда юксак тахт»га ўхшаб қад ростлаб турарди. Унинг атрофида эса қатор, қатма-қат бўлиб Швейцария Алпларининг сон-саноқсиз қорли чўққилари худди патриархлар тахтидай катта айлана ҳосил қилган эди. Ундан кейингилари бошқа яқин давлатлар тоғ тизмалари бўлиб, бу улкан тоғ занжири бир соатдан кўпроқ нигоҳимизни ўзига жалб қилди. Бошимиз устида мовий рангли чексиз осмон бир мадҳияни эсимга туширди: Осмон саждагоҳи фаришталарга, само лашкаларига тўла, Карублар, серафимлар у ерда Шоҳни шарафлар, Осмонда ҳақиқий севги булоғининг рамзини кўргандай бўлдим, Буюк, чексиз баландлик. У ердан фаришталар, Само лашкарлари гувоҳлигида ўзлигини бағишлаш завқи ила ҳақиқий абадий Севги Шаршаралари оқиб тушади. Чиндан ҳам, Худойим севгисининг бир қисми тўхтовсиз пастдаги туман билан қопланган водийларни деб тахтни тарк этади. Шу тарзда Раббимиз Исо Масиҳ ҳам ерга — пастликларга худди «Тириклик Суви»дай тушиб келди. Зотан, бу ҳақда шундай ёзилган: «Исо Масиҳ қандай фикрга эга бўлса, сизлар ҳам ўзаро худди шу фикрга эга бўлинглар: Масиҳ Худонинг қиёфасида бўла туриб, Худога тенг ҳурматни ўлжа қилмади. Лекин Ўз улуғлигидан кечиб, Қул қиёфасига кирди У, Кўринишда инсонлар сингари бўлди У Ўзини шундай паст олиб, Ўлимга, ҳатто хочдаги ўлимга бориб итоат этди. Ана шу сабабдан Худо Уни жуда юксалтирди, Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди, Токи Исонинг исми тилга олинганда Кўк, ер ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин Ва ҳар бир тил Отамиз Худо шаънига Исо Масиҳни Раббим деб очиқ тан олсин…токи бу ўжару бузилган насл орасида Худонинг пок, беғубор, бенуқсон болалари бўлинглар. Сизлар бу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлаб турибсизлар-ку. Ҳаёт каломини маҳкам тутинглар, токи менинг меҳнату заҳматим беҳудага кетмасин ва Масиҳ оламга қайтган кунда сизлар менинг фахрим бўлинглар » (Флп. 2:5-11, 15, 16). Ҳа, коинотнинг энг юксак жойларидан Худо севгиси энг паст жойларга оқиб тушади. Бу дунёнинг кичик Брумбах шаршаралари — бор-йўғи жажжи манзаралар ва кўринишлардир. Улар ёрдамида Яратувчимиз бизни ажойиб ҳақиқатга ўргатади. Монблон ҳам, Алплар ҳам — табиатнинг абадий севгиси сояларидир, холос. О, Яратувчи марҳаматлидир. У бу тоғлар воситасида бизга ана шу ажойиб, қимматли ҳақиқатни кўрсатиб беради. У бизни Ўз илоҳий севгисининг кичик заррасига, инъикосига айлантиришни хоҳлайди. Самолёт Алп тоғлари устидан учиб ўтаётганда, менинг совуқ, хасис, худбин инсоний юрагим бир дақиқага абадий Севги Худосининг қизлари ва ўғиллари қандай бўлиши лозимлигини ҳис қилди. Биз ўзимизни тамомила бағишлаб севишга, худди У севгандай севишга, заиф ва хира акс садо бўлишга, биргаликда Илоҳий бағишлов шаршараларидан оқадиган Тириклик суви томчиларини берадиган абадий Шахснинг акс садоси бўлишга даъват қилинганмиз. Шу пайт Отанинг меҳрли овози келди: «Ханна, ижозат бер, ўзинг ўзлаштирган сабоқларингни амалда қўллашингга Мен ёрдам берай. Муқаддас юртга борганингда, улар тўғрисида гапир, уларни кўрсатиб бер. Мен сенга берган буюк ва жаннатмакон ерларда ўз ҳақ-ҳуқуқларингни ваъда қил. Шунда сен Менинг табиатимга — Менинг бенуқсон, илоҳий, муқаддас ва ўзини бағишлайдиган севгимга янада кўпроқ, янада яқинроқ ёндашасан». Шундай қилиб, биз жуда кўп мамлакатлар устидан учиб ўтдик, Ўрта Ер денгизи устидан учдик, Муқаддас Юрт чегараларига етиб бордик ва Лидда аэропортига қўндик. У ерда мен кутилмаган ҳодисаларга, кутилмаган янгиликларга, синовларга бой, тамомила янги ҳаётга бошим билан шўнғиб кетдим. Мен ёзувчилик фаолиятимни бошладим. Тез орда дунёнинг бошқа мамлакатларига саёҳатимни давом эттирдим. Олти йилдан кейин — 1955 йилда яна Браунвальдда бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Ўша ерда ям-яшил тепаликларда ўтириб, Ортсток тоғини кузатиб, «Сенинг Чўққиларинг томон йўл» китобимни ёздим. Шу тариқа бундан олти йил илгари худди шу ерда олган мактубларим ёзма равишда дунёга келди. О, қандай ҳаёт бу! Ажойиб қувончларга, саргузаштларга ва ҳар соатда чуқурлашаётган севгига бой ҳаёт! Ҳаммамизни ўша томонга раҳмдил Чўпон етаклаб боради. Ҳаёт сўқмоқлари бўйлаб Унинг изидан борайлик, ҳар бир қадамимизни тўғри йўлга йўналтирайлик. Ахир, биз Унинг нурли соясида яшаймиз. Бизни У тинимсиз равишда бундан ҳам баланд жойларга етаклайди. Унга абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин. Ханна Харнард. Қисқача таржимаи ҳол Мен масиҳий оилада тарбияланганман. Оиламизда диний эътиқод дунёдаги энг муҳим нарсалар ҳисобланар, бошқа бирон нарса шунчалик аҳамиятга эга эмас эди. Ҳаётга дунёвий ёндашиш, шунингдек, руҳий ҳаёт ва руҳан юксалишнинг аҳамиятини пасайтирадиган барча хатти-ҳаракатлар ҳам аёвсиз қораланарди. Диний масалалар ва диний таълимот ота-онам учун шунчалик аҳамиятгга эга эдики, булар менинг қалбимда чуқур таассурот қолдирмай қўймасди. Руҳий оламнинг мавжудлигига бепарволик ва совуққонлик билан муносабатда бўлган одам бизнинг уйимизда яшай олмасди. Ота-онам учун Худони севиш, бутун қалби, борлиғи, билан Унга содиқ қолиш улар ҳаётининг ўзгармас мақсади эканлигини бехато англаб етгандим. Худога хизмат қилишга интилишдан улар қувонч ва маънавий озуқа олардилар. Мол-мулкларига эса худди омонатга берилгандай қарардилар. Отамнинг ҳаётини қисқача шундай таърифлаш мумкин: «Уй қурувчиларнинг ҳар биридан содиқлик талаб қилинади». Онам эса соғлиғи ёмонлигига, оғриқ азобларига, тўхтовсиз оғриқларига қарамай, Раббимиз Исони шунчалик севардики, ҳатто Унинг исмини тилга олганда, овози ўзгарар, юзи ички бир нурдан ёришиб кетарди. «Сенинг исминг худди тўкилган миррадай» — бу оят онам ҳақидаги хотираларимга жуда мос келади. Ўн бир ёшимда мен «Худога келдим», Унга жуда ишонардим. Ҳаётимни Нажоткорга топшириб яшадим. Мен ёшлигимдан тарбияланган маънавий муҳит — итоаткорлик руҳи менга жуда зерикарли, одамни эзадиган бўлиб туюларди. Шундай бўлса ҳам, мен ҳали ёш болалигимданоқ дунёдаги энг муҳим нарса дин эканлигини сезардим. Аммо мен диндан ҳеч қандай ҳаққонийликни, қониқиш ҳиссини берадиган бирон омилни топа олмасдим. Ўзимиз боришимиз лозим бўлган диний маросимлардан қўрқардим. Якшанба эса мени бир ҳафта давомида эзарди. Мен Худога сиғинардим, аммо жавоб топа олмасдим. Инжилшунослар йиғилишларига борардим, аммо менга бу йиғилишлар жуда зерикарли бўлиб туюларди. Мен тавба қилиб, Худодан кечирим сўрардим. Лекин нотўғри ишлардан ўзимни тия олмасдим. Муқаддас Китобни ўқирдим, аммо дунёдаги энг ғамгин, ноҳаётий китоб деб билардим. Бу китоб менинг ташна қалбимга ҳеч нарса бера олмасди. Муқаддас Китоб Худонинг бегуноҳ каломи бўлса ҳам, у орқали Худо инсонларга Ўз сўзини айтмоқчи бўлса ҳам, барибир менга ёрдам бера олмасди. Менга ҳеч нарса ёрдам бера олмасди. Нажоткор куч йўқ эди. Мен ҳузур-ҳаловат топа олмасдим. Менда ҳали ишонч шаклланмаган эди. Мен ўн олти ёшимгача Худонинг борлигига асло ишонмадим. Чунки Худо билан боғланиш йўлларини топмагандим. Мен бахтсиз, касалманд, фақатгина ўзини яхши кўрадиган инсон эдим. Ўзимнинг тор дунёимга ўралиб олган, кулфатлар тоши остида эзилган эдим, инсон бўлиб ҳеч қачон ҳеч кимни севмаган эдим. Ўн тўққиз ёшимгача бахтли лаҳзаларим бўлганини эслай олмайман. Албатта, ўзимни баъзан бахтсиз эмасдай ҳис қилган пайтларим бундан мустаснодир. Менинг жирканч, азоб берадиган иккита камчилигим бор эди. Биринчиси — ҳаракат қилганимда, ҳеч бўлмаса битта сўз айтиш учун жон куйдириб ғайритабиий ҳаракатлар қилардим. Ўн тўққиз ёшимгача мен ҳеч қачон бир ўзим дўконга бормаганман, автобус ёки поездда юрмаганман. Умуман, гапиришим керак бўлган жойларда гапирмаганман. Болалигимда боғда болалар билан ўйнаганимизда, уялмасдим. Ўзимни табиий тутардим, нафақат бир оғиз сўз, балки бутун бошли гапни ҳам айта олардим. Аммо кимдир мен билан гаплашишга ҳаракат қилса, ёки савол берса, мен ўзим билан ўзим кураша бошлардим. Мен одамларни ёқтирмасдим, ҳеч қанақаларини — қаттиққўлларини ҳам, мендан ўзини олиб қочадиганларини ҳам ёқтирмасдим. Улар менга шунчалик ачинардиларки, ҳатто уларнинг ўзларига баъзан ноқулай бўларди. Мактабга бориш мен учун ниҳоятда азоб эди. У ерда ўзимни тамомила овсар ҳис қилардим. Доимо саволнинг жавобига, билмайман, дея жавоб қайтарардим. Чунки жавобни айта олмасдим. Иккинчи камчилигим қайси бир жиҳатлари билан биринчисидан ёмон эди. Бўлар бўлмас қўрқувлар доимо юрагимни тирнарди. Баъзан қўрқувларим ҳамманикидай, аммо баъзилари ғайритабиий эди. Нима бўлганда ҳам, қўрқувлар жуда кўп эди ва мен улардан доимо азоб чекардим. Мен қоронғуликдан, тепаликдан, шамолдан қўрқардим, қаердадир қамалиб қолишдан, нима биландир касал бўлишдан қўрқардим. Ҳушимни йўқотиб, беҳуш бўлиб қолишдан қўрқардим. Бундан ташқари, кечаю кундуз мени бир қўрқув ваҳимага солиб турарди. Бу — ўлимдан қўрқув эди. Ёшим улғайган сайин, мен дудуқликдан камситилаётганимни, дард ҳиссини туярдим. Ҳар кун эрталаб уйғонганимда, бугун кун охиригача етиб бора олмасам керак, ўламан, деган ваҳима тарк этмасди. Мен баъзида ўзимни ўзим ўлдира олмаслигимдан, бу учун менда қатъият етишмаслигидан ачиниб кетардим. Шундай қплиб, дардларим кўпайгандан кўпайиб, мен тобора ўз қобиғимга ўралиб борардим. Мен аянчли аҳволимдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмас эдим. Ўша пайтда Худо борлигига мени ишонтирадиган одамга ҳамма нарсамни беришга тайёр эдим. Аммо Худо менга асло эътибор бермас, жон жаҳдим билан қилган ибодатларимга жавоб бермас эди. Худо мендан тобора узоқлашиб, қўлим етмас бўлиб бораётганга ўхшарди. Мен нега буларнинг ҳаммасини айтяпман? Чунки ўн тўққиз ёшимда ярим соат ичида бутун ҳаётимни ўзгартириб юборган бир воқеа содир бўлди. Мени ўраб турган жирканч, ғайриоддий қобиқ синиб тушди ва мен ундан озод бўлдим. Аммо ташқи кўринишим, жисмоний хислатларим, ақлий етуклигим ўзгармади. Ҳаётга бўлган қарашларим тамомила ўзгариб кетди. Бу ажойиб ўзгариш қуйидагича содир бўлди: Отам бу ёруғ оламда мен учун илиқ туйғуларни ҳис қиладиган ягона инсон эди. Чунки менга бирдан-бир тасалли берадиган, юпатадиган одам отам эди. Отам ҳам дудуқ бўлгани сабабли, менинг аҳволимни ҳаммадан яхши тушунарди. 1924 йили у мени ўзи билан Кесвикка конференцияга олиб кетмоқчи бўлди. Мен битта чодирда оломон билан кун бўйи диний маросимда бўлишимизни ўйлаб ваҳимага тушдим. Олдинига мен бу таклифни рад қилдим, кейин эса келишиб олдик. Мен у ерда эрталаб битта йиғилишга, кечқурун битта йиғилишга борадиган бўлдим. Қолган пайтда эса ўзим хоҳлаган жойда сайр қилиб юраман. Бутун ҳафта давомида мен ҳар куни иккита йиғилишга бориб юрдим. Менга ҳеч нарса таъсир ўтказа олмаётгандай эди. Аммо шанба куни эрталаб катта миссионерлар йиғилиши бўлди. Ўн икки эркагу аёл навбат билан сўзга чиқиб, юзларидан нур таралиб, ўзлари кўрган Худонинг ўзгартирувчи кучи тўғрисида гапириб бердилар. Кўплаб ғайридинларнинг ҳаётига қилинган тазйиқ билан йиғилганларни таништирдилар. Мен улар айтган биронта сўзни эслаб қололмадим. Аммо Муқаддас Китобдан олинган бирон оят ёки парча, конференциядаги биронта нотиқ қила олмаган ишни шу ўн иккита миссионер эркак ва аёл уддасидан чиқди. Албатта, янаям аниқроқ қилиб айтганда, улар конференциядаги бошқа нотиқлар бошлаган ишни ниҳоясига етказдилар. Мен у ерда аянчли бир аҳволда ўтириб, уларнинг нур ёғилиб турган юзларига боқдим ва овозларидаги ишончни сездим. Қалбим умидсизликка тушиб деди: «Ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса керак. Энг бахтсиз инсонларни ҳам қутқара оладиган, уларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартирадиган Худо бўлса керак. Нега мен Уни топа олмайман?» Ўн икки миссионер сўзларини тугатганда, раислик қилаётган одам ўрнидан туриб, сўради: «Мана шу катта аудиторияда Худо миссионерлик ишига даъват қилганини эшитаётган ёш йигит-қизлар борми? Кимнинг юраги шу чақириққа жавоб бермоқчи бўлса, ўрнидан турсин». Катта чодирда шовқин-сурон бошланди. Жуда кўп, эҳтимол, юздан ортиқ йигит, қиз ўрнидан турди. Шунда раис ота-оналарга мурожаат этди: «Фарзандларингизни Худонинг даъватига жавоб беришлари учун миссионерлик ишига юборишга розимисизлар?» Менинг отам ҳам юзлаб бошқа ота-оналар каби ёнимга келиб турди. Бу сўнгги томчи эди. Мен машаққат билан ўрнимдан туриб, чодирдан югуриб чиқиб кетдим. Велосипедимга ўтириб, ўзимиз жойлашган шаҳар четидаги меҳмонхонага йўл олдим. Хонамга кириб, эшикни ёпдим ва кроватим олдида тиз чўкдим. Чорасизликдан юрагимда ғам-алам билан овозимни чиқариб қичқирдим: «Эй Худо! Агар сен қаердадир бўлсанг, Сен мен учун ҳақиқатга айланишинг керак. Агар Сен ростдан ҳам одамлар айтаётгандай бўлсанг, мени бу аҳволда қолдириб кетмайсан». Мен Муқаддас Китобни қўлимга олдим ва яна хитоб қилдим: «Эй Худо! Агар Сен чинакам Худо бўлсанг, мен билан шу китоб ёрдамида гаплаш. Сенинг издошларинг айтишларича, Сен улар билан Муқаддас Китоб орқали гаплашаркансан». Мен Муқаддас Китобни очиб, унинг ичига қарадим. «Шоҳлар (учинчи китоб)»нинг 18-боби очилган экан. Китобни ўқий бошладим. Нигоҳим тушган биринчи сўзлар мени лол қилиб қўйди. Бу бобда пайғамбар Илёс Исроил халқига ягона танҳо Худонинг борлигини исбот қилмоқчи бўлади. Мен ўқиётган оят қуйидагича эди: «Сизлар қачонгача иккиала оёғингиз билан оқсоқланасиз?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинг!» Миямга келган фикр аниқ бўлиб, у менинг бутун вужудимни ёритгандай бўлди: «Мана шу оятда кўринмас Худо мендан нимани талаб қиляпти? У мен учун чинакам Худо бўлишидан олдин, мен Унга ўзимнинг дудуқ тилимни беришим керак. Бу билан мен Унинг элчиси ва гувоҳи бўлишга розилик билдирган бўламан». Демак, айни шунинг учун ҳам У шу вақтгача менга бирон марта кўринмади? Дудуқ тилимни мен Унга беришимни ва У бундан Ўзи хоҳлаганча фойдалана олиши мумкинлигини айтишимни кутди. У бунга қандай қилиб эришди — ҳалигача тушуна олмайман. Ниҳоят, яна хитоб қилдим: «Эй Худо! Агар Сен бор бўлсанг, агар Сен мен учун чинга айлансанг, Сенга ўзимнинг дудуқ тилимни бераман». Мен хонамга 1924 йил 26 июль куни соат 13 да кирдим ва 13:30 да — ярим соатдан кейин жон талвасасида бутунлай ўзгарган ҳолда чиқдим. Шу дақиқалардан бошлаб ҳаётим мутлақ ўзгарди. У нур сочиб турарди. Қўрқоқ табиатим ҳали ҳам ўзим билан эди. Менинг дудуқланишим ҳеч қаерга йўқ бўлиб кетмади. Инсонлар олдидаги қўрқувим илгаригидай мени тарк этмаганди. Бундан ташқари, қандай қилиб бошқалар тўғрисида қайғуриш ва уларнинг қизиқишлари билан ҳисоблашиш мумкинлигини ҳам мутлақо билмас эдим. Мен ҳамон ўша Ханна эдим. Аммо қандайдир сирли, ажойиб бир тарзда янги ақлий ва руҳий муҳитга тушиб қолган эдим: ташқи қоронғулик зонасидан ёруғ ва шон-шуҳратга тўла осмонларга тушиб қолган эдим. Орадан икки ярим ой ўтди. Кузда Риджленсдаги Муқаддас Китоб коллежига ўқишга киришга тайёрланар эдим. Мен ҳамон дудуқланардим, аммо илгаригидай жуда кучли эмас. Ҳаттоки мен узоқ курашлардан сўнг кўпчилик орасида Худога ибодат қилишни ўрганишга ҳам эришдим. Мен илгари ҳеч қачон бундай қилмаган бўлсам ҳам, энди поездда, метрода бир ўзим юришим керак, деган қарорга келдим. Бу пайтда мен йигирма ёшда эдим. Итоаткорлик доимо синовларга дуч келади, бу ҳеч қачон осон бўлмаган. Бир куни келиб унинг кучи тугайди-да, мени уялтириб қўяди, деган ички бир сезги бор эди. Мен бундай қўрқувлар ва шубҳа- гумонларга эътибор бермаслик кераклигини англаб етдим. Бир томондан, мен ўша йиллари икки хил ҳаёт кечирар эдим, чунки менга доимо эски қўрқувларим, хавотирликларим, жирканч жисмоний туйғуларим ҳужум қилиб туришарди. Деярли ҳар куни итоаткорлик томон янги қадам қўяётганимда, қалбимда машакқатли ички кураш борарди. Шундай бўлса ҳам, иккинчи томондан, мен ҳар сафар итоат қилардим, тсавирлаб бўлмайдиган қувонч туйғусини сезардим. Шундай қилиб, менга азоб бериб келаётган шу икки камчилигим Худонинг менга қилган туҳфаси эканлигига аста-секин амин бўлдим. Улар мени Худога маҳкамлаб қўйган иккита ўткир мих эди. Шу михлар туфайли мен ҳеч қачон бошқа йўлдан бора олмас эдим. Рижлендсдаги икки йиллик Муқаддас Китоб коллежини тугатиб, миссионерлик ишига тайёргарликни давом эттириш учун «Биродарлар» номли Инжил гуруҳига қатнай бошладим. Бу гуруҳ конфессиялараро миссия эди. Бу гуруҳ аъзолари Англия ва Ирландия аҳолисига Хушхабарни тарқатардилар. Гуруҳнинг ўша пайтдаги шиори қуйидагича эди: «Ҳаммасига тайёрмиз! Худо биздан нима қилишимизни сўрамасин, барчасига тайёрмиз. У қаерга бизни юбормасин, ўша ерга жўнашга тайёрмиз». Мен уларнинг сафларига қўшилганимда, йигирма бир ёшда эдим. Мен қариндош-уруғларимни жуда уялтириб қўйган эдим. Мамлакат бўйлаб очиқ фургон аравада юришим, дўстларим билан очиқ майдонларда йиғилишлар ўтказишда қатнашишим, қишлоқларда миссионерлик ташрифларида иштирок этишим қариндошларимни жуда уялтирар эди. Мана шу Инжилни ёйиш гуруҳида тўрт йил ишлаганимдан кейин, мени яна Ирландияга юбордилар. Мен мамлакат бўйлаб юриб, Англия ва Ирландия қишлоқларидаги муҳтожликлар ҳақида гапирардим. Бу қишлоқлар аҳолиси ҳали Инжил ваъз қилинганини эшитмаган эдилар. Бир куни — шанба куни тушдан сўнг мени бир гуруҳ фабрика қизлари ва сотувчи қизлар билан бирга Дублиндан унча узоқ бўлмаган бир сўлим жойга — Айлендс-Айга таклиф қилдилар. Тез орада мен уларни тарк этиб, бир ўзим атрофни сайр қилиб кетдим ва энг баланд чўққига чиқдим: Худо мен билан алоҳида бир тарзда гаплашади деган фикр хаёлимда ҳам йўқ эди. Мен, ҳаётимни тубдан ўзгартирадиган аниқ бир даъватни эшитаман, деб ҳам ўйламаган эдим. Худо менинг миссионер бўлишимни хоҳлашини сезиб юрардим. Аммо У мени қаерга юбориши тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эдим. У ерда — баландда Айлендс-Айда мен ҳеч нарса тўғрисида ўйламасдан, фақат Муқаддас Китобнинг дуч келган жойидан ўқий бошладим. Бу — Дониёр пайғамбар китобининг тўққизинчи боби эди. Мен бу ажойиб ибодатни секин ўқиб, унинг оятлари тўғрисида мушоҳада юритар эканман, кутилмаган, ажойиб ҳодиса содир бўлди. Хаёлимга олдингиларининг давоми бўлган фикр келди. Аммо бу фикр шунчалик аниқ, ажойиб эдики, у худди даъватга ўхшар эди: «Ханна, агар Мен сендан илтимос қилсам, сен ҳаётингни Исроил халқи ҳаёти билан боғлашга рози бўласанми?» Мен ички бир овоз билан Унга аламзада аҳволда жавоб бераётганимни ҳис қилдим: «Худойим, мени кечир, аммо Сенга очиқ айтишим керак: мен яҳудийларни ёқтирмайман. Дунёдаги барча миллатлар ичидан охирги навбатда яҳудийларга ёрдам берган бўлардим. Менга ёқмаса эканлар, мендай миссионердан уларга нима фойда?!» «Агар сен Менга тўла ишонсанг, Мен билан у ерга боришга рози бўлсанг, Мен сенга уларни севишинг учун, улар билан бирлашишинг учун қобилият ато қиламан. Ҳаммаси сенинг иродангга боғлиқ». Мен ўрнимдан туриб, қурбонгоҳ вазифасини ўтаган тош устида тиз чўкиб ўтирдим. Чунки бу очиқдан-очиқ ўзини ўзи қурбон қилиш ва сидқидилдан итоат қилишнинг белгиси эди. У гапни тугатди ва итоат қилишимга тайёрлигимни кўрди. Шунда тош устига тиз чўкиб ўтириб, дедим: «Мана, мен, эй Худойим! Мен Сенинг халқинг орасига миссионер бўлиб бораман». Мен чўққидан тушиб, дўстларимга: «Мени Худо Фаластинга миссионер бўлиб боришга даъват қилди», деб айтсам, гапларимга ҳеч ким ишонмади, мен ҳам бирон нарса билан бу гапимни исбот қилиб бера олмадим. Ўша пайтда бирга яшаган дугонам мендан: «Бу даъватни сен қаердан олдинг? Сенга қандай қилиб келиб қолди?» деб сўради. Мен гуруҳ раҳбарига: «Худо мени миссионерлик иши билан Фаластинга боришим учун даъват қилди», деб айтсам, у ҳам, бошқалар ҳам жуда шубҳаландилар. Шундан кейин кўп ибодат қилиб, Фаластинда ишлаётган миссия котибасига (чунки мен Фаластинда ундан бошқа ҳеч кимни билмасдим) хат ёзиб, ўз хизматимни таклиф қилган эдим, вазият янада мураккаблашди. У менга ёзган жавобларининг биринчисида: «Махсус маълумотингиз борми ёки йўқми?» деб сўради. Иккинчи хатида эса: «Фаластинга ишлаш учун даъват қилинганингизни ўзингиз қаердан биласиз?» деб сўради. Бу саволларга жавобим йўқ эди. Фақатгина менга Айлендс-Айда қуйидагиларни айтган «секин овоз»нигина далил қилиб кўрсата олардим: «Сен ўз ҳаётингни Исроил халқи ҳаёти билан боғлашга розимисан?» Мен барча саволларга қўлимдан келганча жавоб бердим. Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яна хат келди. Хатда менинг ҳеч қандай махсус маълумотим йўқлиги, у ерда дипломли ҳамшираларга, ўқитувчиларга, котибаларга муҳтож эканликлари ва Хушхабарчи аёл учун эса ҳозирги пайтда бўш ўрин йўқлиги ёзилган эди. Менга айтишларича, яҳудийлар, агар аёл киши эркаклар орасида ташвиқот қилишга ва бизни ўқитишга ҳаракат қилса, унинг гапларига қулоқ солмаслик керак, деб ҳисоблашар эканлар. Миссионерлик соҳасида ҳар бир қўйган қадамим синовларга дуч келарди. Кўпчилик дўстларим каби, шифокорим ҳам менинг соғлиғим ва мижозим хорижда ишлаш учун мос келмаслигини айтарди. Унинг фикрига рози бўлмасликдан бошқа иложим йўқ эди. Бундан ташқари, менинг ҳеч қандай мутахассислигим йўқлиги сабабли, биронта миссионерлар жамияти Хушхабарчи аёлга муҳтож бўлмаса, мени ишга олмаслигини билардим. Аммо синов муддати билан мени Хаяфага жўнатишга қарор қилдилар. Барча харажатларни ўзим тўлашим лозим бўлиб, бунинг устига, талаб қилинган жойда ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини ҳам зиммамга олишим керак эди. Худо менга қандай топшириқ бермоқчи экани аниқлангунча, ёки У буни менга аён қилмагунча, мен лозим бўлган ҳар қандай ишни бажаришга тайёр бўлишим керак эди. 1932 йилнинг 27 январида мен итоаткорлик ва миннатдорлик билан Фаластинга етиб келдим. Босиб ўтган ҳаёт йўлимга назар ташлар эканман, мен чин дилдан, қувониб шундай гувоҳлик беришим мумкин: «Сени Чорлаётган сенга содиқдир, У ҳамма нарсани Яратувчидир». Омин, эй Худойим! Ҳа, ўша хотирамда муҳрланиб қолган кундан буён (ўшанда Кесвикда кроватим ёнида тиз чўккан эдим) Сен мени Ўзингники қилиб олдинг. Сенинг мурувватинг доимо мен учун етарли бўлди. Сен бечора Вой-Қўрқаманга Ўзингнинг изингдан боришга ёрдам бердинг. Ҳеч қандай девқомат уни орқага қайтара олмайди, ҳеч қандай ёвузлик у яшаётган жойга яқин кела олмайди». Бу «Hearing Heart» китобидаги таржимаи ҳолнинг қисқартилган вариантидир. Ханна Харнарднинг Исроилдаги хизматларининг батафсил баёни «Wayfarer in the Land» китобида берилган.notes Изоҳлар 1. Медуза — зоол. денгизда яшайдиган дирилдоқ шаффоф жонивор (тарж.).