Жон Буньян РУҲИЙ ЖАНГ Кириш Жон Буньяннинг «Руҳий жанг» асари 1682 йили илк бор Англияда — ёзувчининг ватанида чоп этилган. Бу ажойиб китоб илк бор чоп этилгандан бошлаб қайта–қайта чоп этилди, кўп тилларга таржима қилинди. Вақтлар ўтиб, «Руҳий жанг» китоби тобора оммалашиб борди. Бу бежиз эмас. Қайта туғилган руҳ билан зулмат беги бошчилигидаги ҳалокат келтирувчи ғанимлар ўртасида руҳий кураш давом этар экан, бу китоб ўз долзарблигини йўқотмайди. Қолаверса, ўзида ғайритабиий мажозий образларни гавдалантирган «Руҳий жанг» Буньяннинг бошқа бир китоби — «Сайёҳ зиёратчининг сафари» каби машҳур эмас. Албатта, «Руҳий жанг» китоби оддий баён асосига қурилган «Сайёҳ зиёратчининг сафари»дан кескин фарқ қилади. «Сайёҳ зиёратчининг сафари»да саёҳат тасвири кўплаб ажойиб манзараларга, воқеаларга бой, ёш боладан тортиб файласуфгача катта қизиқиш билан ўқийди. Мажозлар орқали таассурот қолдиришга мўлжалланган ҳолатлар алоҳида тадқиқотларсиз ҳам тушунарли. Айни пайтда «Руҳий жанг»даги ҳолатлар унчалик табиий мажозий образдар бўлиб туюлмайди. Бу асарда инсон руҳи шаҳар қиёфасида берилади, шаҳар, бир томондан, маккор, ҳалокатга етакловчи ғаним олдида таслим бўлади, иккинчи томондан, қонуний ҳукмдор томонидан қамал қилинади… Бу руҳий жанг бизга эски, кўп тажрибаларни бошдан кечирган, садоқатли жангчи сифатида тақдим қилинади. Ижодкор яратган манзаралар унинг чексиз хаёлот қудратига эга эканини кўрсатади. Манзаралар жангчининг кучли душман билан қаттиқ олишувларини, душман лашкари лаганбардорлик, манманлик иллати ва шубҳа билан бошқарилишини мажозлар орқали тасвирлайди. Душман фаришта қиёфасида ўзининг иблисона моҳиятини яширади. Донишмандона, чуқур мазмунли бу китобнинг яширин моҳиятини тушуниш қайта туғилган онгнинг жиддий, тинимсиз меҳнатига боғлиқдир. Афсус, нисбатан озчиликка руҳий заковат марҳамат қилинган. Ҳатто ана шу озчиликнинг ҳаммаси ҳам интеллектуал изланиш ва мулоҳазага эга эмас. Бу китобнинг «Сайёҳ зиёратчининг сафари» каби оммалашмаганининг сабаби ҳам шудир. Буньян «Руҳий жанг» китобида тақлид қилмади, ўзидан олдин ўтган бирор ёзувчига тақлид қила ҳам олмасди. Эразм, Гауж ва бошқа кўплаб ислоҳотчилар, пуританлар, нонконформистлар бу масиҳийлик қуролига тавсиф берганлар. Тахминан «Руҳий жанг» ёзилган пайтларда Бенямин Кич ҳам ўзининг «Иблис билан жанг ёки ёш йигитнинг зулмат кучлари билан жанги» деган асарини чоп эттирди. Бу туркум ёшликда беҳуда ўтган умр ва аҳлоқсизликлар тўғрисидаги, гуноҳнинг даҳшатли манзараси ва тубан кетган инсоннинг афсус чеккан ҳолатлари тасвирланган шеърий мулоқотлардир. Бу мулоқотларда асло мажоз йўқ, лекин амалий огоҳлантиришлар ва панд–насиҳатларга бой. Ҳеч ким зулмат кучлари билан қайтадан туғилган инсоннинг ақлу идроки ўртасидаги абадий курашни, ёки ёвуз ният билан васвасаларни, буларнинг ҳиссиётлар билан ғайритабиий иттифоқини ҳамда бундай иттифоқнинг насл–насабини, яъни иблисларни мажозий шаклда тасвирлашга уринмаган эди. Баъзилар, Жон Хризостомнинг дўзахдаги руҳлар ва инсоният ўртасидаги кураш тасвири билан Буньяннинг «Руҳий жанг» асаридаги тасвирларда маълум даражада уйғунлик бор, деб қарайдилар. Лекин Буньян Хризостомнинг асарлари билан таниш эди, деб қарашга асло асос йўқ, чунки Хризостомнинг асарлари грекчадан инглиз тилига таржима қилинмагани сабабли, Буньян бехабар бўлган. Жон Буньян (1628–1688)нинг ҳаёти воқеаларга бой бўлди. У қишлоқ мисгарининг ўғли бўлиб, Англиядаги инқилоб даврида пуритан воизи бўлди. Стюартлар ҳаракати даврида Инжилни ноқонуний тарғиб қилишда айбланди, чунки унинг инглиз жамоатининг пастори деган расмий унвони йўқ эди. Шунинг учун Буньян қамоққа ташланди. У қамоқда 12 йил бўлди ва «Сайёҳ зиёратчининг сафари» номли романини ёзди. Буньян умрининг охиригача эътиқоди учун таъқиб қилинди, биродарларига нисбатан севги ва жасурликнинг намунаси бўлиб қолди. «Бечора бир дарбадар мисгар қандай қилиб ажойиб унвон олиб, буюк ёзувчи бўлди экан», деб бутун олам ҳайрон қолиши мумкин. Сабаби оддий: у Худонинг хоҳиши билан яшаб, иш қилди. Айнан ана шулар унга қанот бағишлади ва у нафақат зоҳирий олам, балки ботиний олам ўлкаларига парвоз қилди, Худонинг нури ва шуҳратидан лаззат топди. Натижада у буюк асарлар яратди, «Руҳий жанг» асари шундай асарларнинг энг яхшиларидан биридир. Насиҳатомуз бу мажозий асар ана шундай руҳий жангга жалб қилинган ҳар қандай одамни жуда ҳам қизиқтиради. Жангнинг кўпгина лавҳалари маърифатли китобхон Эммануилнинг даъватларига қарши турганда бошидан кечирган чуқур, кучли ҳиссиётларини эслатади: китобхоннинг қалбини кечирувчи севги ва раҳм–шафқат эгаллаганда, шод–хуррамлик, қўрқув ва шубҳалар эгаллаганда, азоб берадиган хавотирлик уйғотади. Китобхоннинг қалби ана шу муқаддас даъватга интилсин, унинг қулоқлари Иблиснинг дўмбирасидан хавотирга тушсин, унинг юраги қалъаси Шоҳнинг нажотини қабул қила олсин — ҳар бир китобхоннинг қалбига ана шу истаклар кирсин… Тўлқинлантирадиган, ажойиб мажоз бизга доимий тетикликнинг ва ибодатнинг зарурлигини ҳис қилишимизга, ўлмас руҳ устида ва Раббимиз бизнинг гуноҳларимизни ювиш учун тўккан қоннинг нақадар қимматли экани устида ўйлашимизга ёрдам берсин. Имонимиз комилки, муаллиф Сион жангчиларига чин дилдан истаган руҳланиш хурсандчилигини, панд–насиҳатни ва тасаллини кўпчилик ҳис қилади. Китобнинг охирида изоҳлар берилган. Бу изоҳларда тушунилиши қийин бўлган ифода ва образлар тушунтириб берилган. Китобхон бу мажозларнинг бутун гўзаллигини баҳолашига, унинг маъносини тушунишга бу изоҳлар ёрдам беради. Китобхонлар калитдан бемалол фойдалана олишлари муҳимдир. Бу асарга шарҳлар турли нашрлардан олинган. «Руҳий жанг» асарининг матни 1921 йилги нашридан таржима қилинган. Бобларга бўлиниш тартиби 1851 йилги инглизча нашри бўйича сақланган. Буньяннинг китобхонларга шеърий мурожаати илк бор чоп этилмоқда. Китобхонга (изоҳлар билан) Менга ғалат туюлар, кўпчилигимиз Ҳикоя қиламиз ўтмишдан баъзан. Ўтмишни кеча–кундуз ҳукм қиламиз, Билимимиз–ла мақтанишдан қайтмаймиз. Масаллару тушлар ҳам дейиладур ҳикоя, Қайси душман ила курашдадир руҳ, Руҳлар курашини улар ёддан чиқарур, Эй китобхон, бошқаларни эшитмоққа шошил. Бошдан кечирганим сенга айтайин, Билганимни ёзарман, қулоқ сол, дўстим. Эҳтимол билурсан, надир парвоз хаёли, Баъзида самога олиб кетадир сени. Хаёлингда тоғдасан, баъзан чуқурда, Инсон, шоҳ, сипоҳларни ўқиб чиқасан. Бегона юртлар қонунидан берарлар хабар, Улар ғолиб қилар сени, гоҳида мағлуб. Қандайдир донишманд хаёлоти–ла Инсонлар эътиборин тортар ниҳоят. Кўҳна услуби унинг жиддий ҳам чучмал, Беҳуда бойликка тортар инсонни. Инсонларни чорламади, лекин барибир Тўдалашиб борар алданган оломон[1]. Ишонгин, беҳуда эмас ҳикоям. Бошқа олам эшигин очурман, дўстим. Тинчингни бузарман балки, дўстгинам, Лекин ҳикоямни унутолмассан. Англаганларим бошқаларга очмоқ истайман, Сўзларимни тингла, қулоқ сол, дўстим. Қудратли Руҳ шаҳри ҳаммага маълум, Шошилмасдан ўқи, англарсан осон. Fаройиб бу шаҳарни, ғаним хавфини, Ҳалокатга Руҳ ила одим отганини. Азизларим, шаҳар алданган эди, Шаҳар аҳли истаги–ла дарвозани очганди. Fаним эгаллади ажойиб Руҳни, Ҳоким этиб тайинлади ёвуз ноибни. Эски ҳоким қутқаришга бел боғлади халқини, Нафрат ила рад қилдилар Унинг йўлларини. Fаройиб шаҳарга йўл танлади иблислар, Руҳнинг гуноҳ қўрқувидан бўлдим хурсанд[2]. Гуноҳ йўлида турган шаҳарда бўлдим, Гуноҳ танлаган ўша шаҳарни кездим. Бўлдим Раббий Руҳи ёлғиз ҳоким бўлганда, Шаҳар яқинига ғаним журъат қилмаганда. Иблис ҳукмронлигин унда кузатдим, Нақадар тубанликни кўзим–ла кўрдим. Руҳонийлар таҳқирланди, Руҳим кун кўрди Тўнғиздай булғаниб гуноҳ ичида. Шаҳар бахтли гўё Шоҳ севгисин рад этиб, Иблис билан яшади иллатдан юз ўгирмай. Балки қароринг қатъий, гўёки мен ёлғончи? Гўё инсон қалбига бир масални сўйладим? Балки ўйлагандирсан, беҳуда оламда мен Чўққиларни кўзладим, азиз китобхон? Журъат этай айтишга, англагайсан сен, Сўйлаганим воқеа — ёлғон эмас, ҳақиқат! Шаҳар қамалда қолди, кўзим–ла кўрдим, Охирги кучдан ҳам ўзин мудофаа қилди. Эшитдим шаҳар деворида карнай овозин, Кўрдим одамларни қўрқув босганин. Ёвуз шамол байроқларни ҳилпиратар, Бу манзара Руҳни қўрқувга солар. Умр бўйи унутмам ўша йўловчиларни, Дарвозани очишга улар журъат қилганин. Виждонсиз йўлбошчилар тутиб қатл қилинди, Уларнинг шоҳлиги ағдарилди Шаҳаншоҳнинг пойига. Кўрдим сопқону замбаракни, кўрдим ва яна Шаҳаншоҳ лашкари қилич–ла борганини. Эшитдим тошбўрондан чинқириғу дод–войни, Тош устимда учар, кўрдим одам жон берганини. Шаҳар зулмат ичида, ҳар ёқда йиғи–сиғи, Лаънат бўлсин бу кунга — бераҳам жаллодга! Жой–жойида турарди Шоҳнинг лашкари, Овоза дарвозасида мен кўрдим таранларни. Ҳар лаҳзада эшитдим таранларнинг тақ–туқин, Ўйладимки, вайрон қилар бутун оламни. Эшитдим овозин йўлбошчиларнинг, кўрдим курашин, Инсонларнинг қисматин, лашкар тақдирин. Билардим жароҳат олганни ҳам ўлдирилганни, Ўлиб тирилганни ҳам тоабад унутилганни. Жароҳатдан йиқилганнинг оҳ–воҳини эшитдим, Охирги куч «Ўлдир! Ўлдир!» деганини эшитдим. Ҳар ёқда қонлар оқар, оғриқ, қўрқув юзларда, Руҳ толиқди азоблару кўз ёшлардан. Шоҳ лашкари курашмаса–да доим, Руҳ дарвозасин қўриқламас беҳудага. Ҳайқирар: «Тур ўрнингдан! Бор!» Руҳ сергак тортар, Нажот йўлин карнай овози кўрсатар. Ҳайқириқдан улар Руҳи йўқотди тинчин, Ўзим гувоҳ бўлдим бунга, азиз китобхон. Раҳнамолар сиқуви дарвозани очдирди, Умидидан халқ эса маҳрум бўлди[3]. Шаҳар бўйлаб доҳийлар ғолибона ўтдилар, Байроқларни олиб ўтди, ғанимлар мағлуб бўлди. Эммануил буйруғин эшитдим қулоғим–ла, Бирга борган юришларга у билан: «Воанаргес, йўлбошчим, қалъани олгин, Ҳайдаб юбор ёлғончини, йўқолиб кетсин.» Воанаргес кезди занжирбанд шаҳарни, Олиб ўтди қўрқув босган одамларни. Иблислар шармандали қатл қилинди, Ибодат–ла гуноҳ хочга михланди. Кўриб турдим Осмон Шоҳининг ўғли, Севгисини инъом этиб ғаройиб шаҳарга кирди. Кўриб турдим, ғоят халқ шодмон, Унинг шоҳи энди — Раббий Эммануил. Шаҳзода ўради инсонни оқ либосга, Роҳат деб от қўйди У Руҳга. Руҳга берди занжир, билагузук ва муҳр, Ва мадҳия «Куйлагин севги ва роҳатни» деб. Нима ҳам дердим? Эшитдим инсон йиғисин, Шаҳзода артиб қўйди Ўз Руҳининг кўз ёшин. Умид узди Руҳ кечирим олишдан, Бўйсунди у кечирилиш истагига. Эшитдим оғир нафас ва қувноқ қўшиқ Ҳар бир уйга кирган замон Хушхабар. Эй китобхон! Ишонгин, бу масал эмас, Кўрганларим шу ҳам бошдан ўтгани. Бошдан кечди булар, маълум қилдим мен, Руҳнинг азоблари — менинг тарихим. Руҳим! Гарчи иккитасининг истаги бўлса, Насиб этди бирига, жилла қуриса. Иблис қичқиради: «Менинг шаҳрим! Шаҳар меники!» Шаҳзода ҳимоя қилди Худо роҳатин. Шоҳ Руҳни яратди, У — Руҳнинг боши, Эммануил бўлди Эга Руҳнинг ҳуқуқига. Фарёд қилди халқ: «Ҳалок бўляпмиз урушдан! Кулфат келди, Шоҳ эса Ўз шаҳрини қутқарди. О Руҳ! Гўёки туюлди, уруш тугамас, Шоҳ юз нурларини одамлардан яширди. Иблис қарор қилди Руҳни эгаллайман деб, Руҳнинг ҳалокатин жуда ҳам истаб. Яна Руҳ — жангу жадал саҳнаси, Яна ёнғин, эшитилар дод–фарёд. Майдонларда қонли қилич ҳукмрон, Яна юзларда қўрқув, атрофда ғанимлар. Нега улар қўрқувдан қочмайдилар, Ўтмишда Руҳдан маскан топганлар. Шаҳзоданинг муҳридан маҳрум бўлганлар, Ўз шаҳрини ғанимга сотмоқчи кимлар? Шаҳар узра чўзиқ карнай овози, Fаним Руҳни жангсиз ололмас. Йўқ, ён бермади Руҳ! Майли, жасурлар ётсин, Лашкар беҳудага орқага қайтмас. Шарманда бу оламни ғаним ололмас, Fаним яна фош бўлди, ҳайдаб қувилди. Руҳим! Узоқ йиллар ўзинг учун курашдинг, Келажагим надир, дея жавоб изладинг. Ҳал қилдинг муаммони: «Уруш тугарми? Кўз ёшим манзилларда тоабад оқарми? Ёки Шоҳ пойида ором олайми? Беҳудага уришмадим, дея эслайми? Куни учун яшаганлар ғамни билмаслар, Келажаги, хоч ҳақида ўйлаб кўрмаслар. Бунақалар ғаним билан уруш қилмаслар, Ҳаётини хавфга қўйиб, қурбон қилмаслар[4]. Ундайлардан мен эмас, шундайлар ҳам бор, Қойил қолдирар содда одамни, ҳам таслим этар. Бармоғин кўтарар қоронғу осмонга, Жаврайди у ерда яшаётганлар ҳақида. «Осмон мавжудотга тўла», такрорлайди у, «Бу сирни кашф қилди осмоннинг ўзи.» Ҳақ гапни айтдими? Қандай билади инсон? Ҳақиқатни билдими? Қандай билади инсон?[5] Масиҳ билан яшаётган талай одамлар У шаҳарда не бўлди — сени хабардор этар. Улар ҳам кўрганлар мен кўрганимни, Улар биладилар мен бошдан ўтказганимни. Кечир мени ўқувчим, вақтингни олдим, Машъал билан ёритдим, нурни қуёш яширди. Майли киргин, очгин тезроқ эшикни, Ўзинг учун топ энди ҳақиқатни. Ажойибот буюклиги–ла қайра ақлингни, Билиб олгин само ҳақиқатини. Ажойиб нарсаларни кўпроқ биласан, Доноликни ҳам мендан топасан. Калитни ҳам унутма, деразада турибди, Худо марҳамат қилсин, хайр, йўлга туш[6]. Қачонлардир, дўстим, кўришиб ҳам қолармиз, Ўлим бизни айирмаса, мабодо омон бўлсак. I Боб Руҳ шаҳрининг шоҳ Шадай қўл остида бўлган пайтдаги гўзаллиги ва улуғворлиги. — Шаҳарнинг баҳайбат қалъаси. — Шаҳарнинг беш дарвозаси. — Шаҳар аҳлининг комиллиги. — Иблиснинг пайдо бўлиши. — Унинг такаббурлиги ва тубанлиги. — Иблис қасос олиш тўғрисида ўйлайди. — Руҳни йўлдан оздиришнинг энг яхши усуллари ҳарбий кенгашда муҳокама қилинади. — Иблис шаҳарга яқинлашиб, Овоза шаҳри дарвозаси олдида пайдо бўлади. — Иблиснинг нутқи. — Йўлбошчи Қаршилик ўлдирилади. — Беайб бекнинг ўлими. — Шаҳар қўлга олинади. Мен турли вилоятларга саёҳат қилганимда, машҳур Олам қитъасига ташриф буюришимга тўғри келган эди. Бу мамлакат ниҳоятда кенг: икки қутб ўртасида ва дунёнинг тўрт томони ўртасида жойлашган. Жойлашган ўрни ҳам яхши, суви мўл, тоғлару водийлари ҳам жуда кўп. Ери серҳосил, ҳавоси тоза эканини ҳам сезган эдим. Одамларининг танаси ранги бир хил эмас, турли тилларда гаплашишади, ҳаёт тарзи ҳам бир хил, бир динга эътиқод қилишади. Осмондаги планеталар турлича бўлганидай, одамлар ҳам ўзаро бир–биридан фарқ қилади. Юқорида айтганимдай, тақдир тақозоси билан бу мамлакатга сафар қилишимга тўғри келган эди. Мен у ерга бориб, узоқ вақт қолиб кетдим, ўша жойнинг тилини ўргандим, халқининг одатларини, турмуш тарзини қабул қилдим. Тўғрисини айтганда, кўп нарсаларни қониқиш билан кузатдим, ҳатто, Раббий: «Бошқа ишларни қилишинг керак, ортингга қайт»[7] , деб хабар жўнатмаганда эди, аҳолининг рўйхатига кириб, ўша ерда умримнинг охиригача қолиб кетган бўлардим. Хуллас, бу ажойиб Олам деган мамлакатда ажойиб бир шаҳар бор, шаҳарнинг қурилиши ҳам нафис, аҳоли бир жамоатга уюшган, жамоат шаҳар билан бир бўлиб, Руҳ деб аталади. Шаҳар меъморий жиҳатдан ажойиб, жойлашув ўрнига кўра қулай, имтиёзлари — соз бўлиб, келиб чиқишига мос келади. Бемалол айтиш мумкинки, юқорида баён қилганимдай, ер юзида унга тенг келадигани йўқ. Шаҳар икки олам ўртасида туради[8]. Ишончли манбалардан шуни билдимки, шаҳарнинг биринчи Меъмори ва Асосчиси Шоҳ Шадай экан[9]. Шадай бу шаҳарни ўзининг ҳузур–ҳаловатини ўйлаб қурган экан. У шаҳарни Ўз ижодининг энг аъло шуъласидан ва шуҳратидан барпо қилибди, ҳатто мамлакатдаги ҳамма нарса устидан ҳукмрон қилибди (Ибтидо 1:26). Аслида, дастлаб шаҳар жуда ажойиб бўлиб, самовий жисмлар бу шаҳарга мамнуният билан қарар, шодиёна ва мақтов қўшиқлари куйлар эди. Мамлакатдаги жамики жонзотларга. «Бу ғаройиб ижодимга итоат этиб, бош уринглар!» деб амр берилган эди. Шоҳ Шадай бу ижодига итоат этмайдиган ҳамма нарса устидан ғолиб келиш учун куч ато қилган эди. Шаҳар ўртасида ажойиб, муҳташам бир «кошона» ўрнатилган эди. Бу иншоотни, мустаҳкамлигига қараб, қалъа ёки қўрғон, чиройига қараб жаннат деб айтиш мумкин эди. Кенглигига кўра, бу иншоот бутун оламни ўзига сиғдира оларди (Воиз, 3:11). Бу масканни шоҳ Шадай шахсан ўзи учун танлаган, ўзидан бошқа ҳеч кимни бу ерда кўришни истамасди. Чунки бу жой — Унинг яхши кўрган, аҳолини ташқи душманлардан муҳофаза қиладиган жойи эди. Шадай иншоотни гарнизон билан ўратиб олган, шаҳар аҳлига ҳам иншоотни муҳофаза этишни топширган эди. Шаҳар девори шунчалик мустаҳкам эдики, шаҳар аҳлининг рухсатисиз ҳеч ким девордан ошиб ҳам ўтолмас, буза ҳам олмас эди. Донишманд Қурувчининг мақсади «Ҳеч қандай ғаним кучлари аҳолининг розилигисиз деворга зарар етказишга қодир эмас.» Бу ажойиб шаҳарнинг бешта дарвозаси бор эди. Дарвозалар ҳам деворлар каби мустаҳкам эди, бирорта бегона шаҳар аҳлининг ижозатисиз дарвозалардан шаҳарга кира олмас эди. Дарвозаларнинг номлари қуйидагича эди: Овоза дарвозаси, Кўз дарвозаси, Гап дарвозаси, Ҳид билиш дарвозаси, Сезги дарвозаси. Шаҳарнинг яна бир ажойиб фазилати бор эди: бу ерда доимо мўл–кўл озиқ–овқат бўларди. Озиқ–овқат энг доно қонунлар билан тақсимланар эди. Аҳоли орасида биронта, очкўз ёки сотқин учрамасди. Ҳаммалари бир–бирига садоқатли, ҳамкор эди. Эътибор беринг, бу жуда ҳам муҳим. Шу боисдан шаҳар ўз Шоҳининг шу ерда бўлганидан, унинг ҳимояси остида бўлганидан завқланарди. Шоҳ эса Ўз ижодининг бекаму кўст бахтиёр эканини кўришни буюк бахт деб биларди. Бир куни Иблис[10] деган аллақандай баҳайбат махлуқ Руҳга ҳужум қилиб, шаҳарни эгаллашни ва у ерда жойлашиб олишни ният қилди. Бу махлуқ қора танлиларнинг[11] шоҳи бўлиб, шайтоний феъл–атвори бор эди. Лекин олдин Иблиснинг қандай пайдо бўлганини кўриб чиқайлик–да, кейин Шоҳ Шадайнинг севикли ижодини эгаллаб олганини билайлик. Иблис ҳақиқатан ҳам баҳайбат ва қудратли, лекин шу билан бирга қашшоқ ва тубан эди. Дастлаб у Шоҳ Шадайнинг хизматкорларидан бири эди. Шадай уни юксак, мартабали лавозимга — Ўзининг энг яхши мулкидан бирига бошлиқ этиб тайинлаганди. Лекин у эгаллаб турган лавозимидан қониқмай, унда чексиз бир истак пайдо бўлди, Шоҳ Шадайнинг қўл остидаги жамики мулки устидан ҳукмронлик қилишни истаб қолди. Шадай эса бу ваколатни Ўзининг ягона Ўғлига берган эди. Иблис энди, мақсадимни қандай қилиб амалга оширсам экан, деб ўйлай бошлади ва қўл остидагиларни маслаҳатга чақирди. Улар, ёрдам берамиз, деб ўз хоҳишини билдирдилар. Ниҳоят, улар, Шоҳнинг ўғлини йўқ қилиш керак, шунда мерос сизга қолади, деган хулосага келдилар. Фитна уюштирилиб, вақти ҳам белгиланди, ярамаслар йиғилишиб, ҳужум бошладилар[12]. Қолаверса, Шоҳнинг Ўзи ҳам, Ўғли ҳам, ҳамма нарсани ва ҳар доим кўриб турадиган кўзлари[13] бўлгани учун, ўзларининг мулкида нималар юз бераётганини билмасдан қолмас эдилар. Шадай Ўғлини худди ўзидай яхши кўрар эди, юз берган воқеадан ғазабланди. Шунинг учун ҳамма исёнчиларнинг йўлини тўсди, Ўз Ўғлига зарар етказишларига йўл қўймади. Иблисларнинг сотқинлигини, ғалаёнини ва фитнасини фош қилди. Иблислар Шадайнинг ишончидан, бирор мансабни эгаллашдан маҳрум бўлдилар. Шундай қилиб, улар Шоҳнинг ҳузуридан қувилиб, занжирбанд қилиндилар ва қўрқинчли, қоп–қоронғу чоҳга улоқтирилдилар. Улар Шоҳнинг шафқатидан тамомила умидларини уздилар. Шадай уларни «буюк қиёмат кунигача занжирбанд қилиб, абадий қоронғуликка қамаб қўйди.» (Яҳудо 6) Шоҳнинг бу қароридан кейин исёнчилар Шадай ва Унинг Ўғлига қарши кек сақладилар. Иблислар ғазаб билан у ёқдан– бу ёққа ўзларини урдилар. Шадайнинг ижодини бузиб, булғаш учун имконият изладилар, Шадай берган жазо учун қасос олмоқчи бўлдилар (1Бутрус 5:8). Шундай қилиб, улар Олам деб аталган жойга тушиб, Руҳ шаҳрига йўл олдилар. Бу шаҳар Шоҳнинг энг яхши ижоди ва Унинг юрагига энг яқин бўлганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, ўзаро маслаҳатлашишди ва бу шаҳарга ҳужум қилиб, эгаллаб олишга қарор қилдилар. Мен шаҳар Шадайга қарашли экани иблисларга маълумлигини айтмоқчиман. Чунки Шоҳ бу шаҳарни Ўз кўнглини чоғ қилиш учун[14] яратганини иблислар билар ва бу шаҳарнинг қурилиши, безалишига гувоҳ бўлган эдилар. Иблислар Руҳни излаётганларида, ҳавони тантанали ҳайқириқ билан тўлдириб юбордилар. Уларнинг бақир–чақири худди ўлжасини топиб олган шернинг ўкиришига ўхшаш қўрқинчли эди. Иблислар ҳарбий кенгашга йиғилдилар. Йиғилишда шаҳарни эгаллашнинг йўл–йўриқлар муҳокама қилинди. Ниҳоят, қуйидаги тўртта масалани муҳокама қилиш учун бир тўхтамга келдилар: 1. Шаҳарга иблисларнинг ҳаммаси бориши керакми ёки йўқми? 2. Руҳнинг ҳузурида ҳозирги кийган кийимларида бўлишлари керакми? 3. Руҳга ўзларининг мақсадини бирданига аён қилишлари шартми ёки ёлғон сўзлар, айёрлик билан ҳужум қилишлари мақсадга мувофиқми? 4. Руҳни отиш ва шу тариқа асосий мақсадни амалга ошириш учун — шаҳарни муваффақиятли эгаллаш учун аҳолидан бири бўлиб кўринишини ораларидан бирортасига топшириш керакми? Биринчи масалага салбий жавоб бўлди. «Агар ҳаммамиз шаҳарда бирданига кўринсак, аҳолини қўрқитиб юборамиз. Аҳоли эса эҳтиёткор бўлиб қолади. Ҳолбуки, биттамиз у ерда пайдо бўлганимиз билан, бу мақсадни амалга оширолмаймиз.» Шу боисдан Иблис шундай деб уқтирди: «Агар Руҳ қўрқиб кетса, уни эгаллаб олишнинг имкони бўлмайди, чунки Руҳнинг розилигисиз ҳеч ким унга кира олмайди[15]. Шундан кейин кўпчилик бўладими, биттамиз бўламизми, Руҳни қамал қилиб олсин. Менимча, ўша мен бўлишим керак.» Ҳамма бу таклифга рози бўлди. Сўнг иккинчи масалани муҳокама қилишга киришдилар. Бу масала ҳам рад қилинди. Рад қилинишининг сабаби қуйидагича эди: Бу пайтгача Руҳ ботиний мавжудотлар билан алоқа қилар эди. у ҳали ҳеч кимни бундай аянчли, қабиҳ қиёфада кўрмаган эди. Шафқатсиз Алектонинг[16] фикри шунақа эди. Аполлион ҳам қўшимча қилди: «Мутлақо тўғри! Руҳда биз шундай фикрни уқтиришимиз учун, биттамиз ҳақиқий қиёфамизда кўринишимиз кифоя. Бундай аҳволдан у руҳан безовталанади. Муҳтарам Алекто айтганидай, Руҳ бундай аҳволдан эҳтиёт чораларини кўришга мажбур бўлади. Ундай ҳолатда биз шаҳарни олишдан воз кечишимизга тўғри келади.» Шу пайт баҳайбат Болзабул уларнинг гапини бўлди: «Менинг фикрим ҳам шундай. Чунки биз илгари қандай ҳолатда бўлганимизни шаҳар аҳолиси кўрган, лекин ҳозирги ҳолатимизни эса кўрмаган. Менимча, уларнинг кўзлари ўрганган ҳолатда биз зоҳир бўлишимиз лозим.» ҳамма Болзабулнинг гапига қўшилди ва Иблис қандай қиёфада зоҳир бўлиши лозим, деган масалани муҳокама қила бошлашди. Биров ундай деб таклиф қилди, бошқаси бундай деб. Ниҳоят, Люцифер шундай таклиф киритди: «Бошлиғимиз Руҳга итоат этадиган махлуқнинг қиёфасига кирсин. Чунки бундай махлуқлар унга фақат таниш бўлиб қолмай, балки унинг ҳукмронлиги остидадир. У махлуқлардан Руҳ ёмонлик кутмайди. Хуллас, бизнинг ҳукмдоримиз энг ақлли ҳисобланган жонзотнинг қиёфасига кирсин.» (Ибтидо 3:1; Ваҳий 20:1,2) Бу таклифга жавобан дабдабали мақтовлар эшитилди. Хуллас, Иблис илон қиёфасига кирсин, чунки ҳозирги пайтда болага қушча қандай яхши таниш бўлса, ўша пайтда шаҳар аҳли ҳам илонга худди шундай кўниккан, деган қарорга келишди. Шундан сўнг улар учинчи масалага ўтишди. Учинчиси — Руҳга ўз мақсадимизни аён қилишимиз керакми ёки йўқми, деган масала эди. Бу масала ҳам рад қилинди. Сабаби шу эдики, Руҳнинг жамоати — кучли халқ. Деворлари ва дарвозаси мустаҳкам бўлган енгилмас шаҳарга аҳолисининг розилигисиз кириш мумкин эмас. «Бунинг устига, — деб қўшимча қилди Легион,[17] — улар бизнинг мақсадимизни билиб қолсалар, шубҳасиз, ўша зоҳоти ёрдам сўраб, Шоҳга мурожаат этадилар, унда аҳволимиз нима кечиши ўзимизга маълум. Шунинг учун биз ниятимизни ёлғонга, хушомад ва ширин сўзларга буркаб яшириб, ҳеч қачон бўлмайдиган нарсаларга ишонтириб, ҳеч қачон олмайдиган нарсаларни ваъда қилиб, эҳтиёт бўлиб ҳужум қилишимиз керак. Фақат шу йўл билан биз шаҳарни эгаллаб, дарвозаларини очиб беришга аҳолисини мажбур қила оламиз. Устига–устак, бу истаклар орқали улар ўзларида бизни кўришларига ишонтирамиз. Бундай ўйлашимнинг сабаби шуки, Руҳ аҳли — содда, айбсиз, ҳалол, солиҳ халқ. Қамал ва ёлғон, адоват ва иккиюзламачилик нима эканини улар ҳали билмайдилар. Ёлғонни тасаввурларига ҳам сиғдиролмайдилар. Ана шу ниқоб остида ишонч ҳосил қилсак бўладики, бизни у ерда танимайдилар, биз нима айтмайлик, ҳаммаси ҳақиқат сифатида қабул қилинади. Айниқса, ёлғон гапларимизга уларнинг манфаати учун ҳаракат қилишимизга сабаб бўладиган чексиз севгимизнинг юзаки кўринишини қўшсак, нур устига аъло нур бўларди.» Бу масалага ҳеч қандай эътироз бўлмади, хамирдан қил суғургандай, осонгина қабул қилинди. Шундан сўнг улар тўртинчи масалани ҳал қилишга киришдилар. Охирги масала якдиллик билан қабул қилинди. Ҳаммалари: «Биринчи навбатда шаҳар аҳолисининг раҳнамоларидан бири, йўлбошчи Қаршиликни бир уришда ўлдиришимиз керак», деб қарор қилдилар. Баҳайбат Иблис ҳам, унинг ҳамма шериклари ҳам шаҳардаги бошқалардан кўра, ундан кўпроқ қўрқар эдилар[18]. Лекин бу жиддий вазифани ким ўз зиммасига олади? Бу вазифага кўл заҳарли илони Тисифон тайинланди. Маслаҳат тугагандан кейин ҳамма ўрнидан қўзғалди ва келишилганидай ҳаракат қилишга қарор қилдилар. Улар Руҳга томон йўл олдилар. Фақат биттасидан ташқари, ҳаммалари кўринмас эдилар. Лекин ўша биттаси ҳам ўз қиёфасида эмас, балки илон қиёфасида эди. Ниҳоят, улар шаҳарга яқинлашиб, Овоза дарвозаси олдига келдилар. Бу ердан ҳамма нарса шаҳар аҳолисининг қулоғига етиб борарди, Кўз дарвозаси орқали улар ҳамма нарсани кўриб туришарди. Ҳамма ёвуз руҳлар дарвоза олдида тўпланишиб, йўлбошчи Қаршиликни қамал қилиш учун деворга яна ҳам яқинроқ бордилар. Кейин улар, шаҳар ҳокими бизни бир неча дақиқага қабул қилармикан, деб овоз бердилар. Ўша даврнинг одатига кўра, бу қоида қуйидагича ижро қилинган эди: Иблиснинг нотиғи Ҳалокатли Мужмал[19] карнай чалган эди, шаҳарнинг амалдорлари девор ёнига яқин келишди. Улар қуйидагилар эди: Нуқсонсиз бек, Эркин Майл бек, шаҳар ҳокими Идрок, солномачи Виждон, йўлбошчи Қаршилик. Улар: «Девор ортидагилар кимлар экан, нимага дарвоза олдида ғалати шовқин бўляпти экан», деб қарадилар. Эркин Майл бек карнай чалаётганни кўргач, ундан: «Кимсан? Нимага бу ерга келдинг? Нимага шовқин қилиб шаҳарни безовта қиляпсан?» деб сўради. Иблис мулойим овоз билан гап бошлади: — Жаноби олийлари! Мен сизни биламан. Сиз машҳур Руҳ шаҳрининг ҳокимисиз. Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, мен сизларнинг яқин қўшнингизман. Шоҳга итоат этиш, сизларга хизмат қилиш учун менга буйруқ берилган. Ўз вазифамни рисоладагидек ижро этиш ва сизга муҳим бўлган нарсаларни етказиш учун ҳузурингизда ҳозир бўлдим. Шунинг учун қуллуқ қилиб илтимос қиламан: мени қабул қилишни рад этманглар, гапларимни сабр қилиб эшитинглар. Аввало, шуни айтишим керакки, мен ўзимнинг фойдамни кўзлаб ташвиш тортаётганим йўқ, балки сизларнинг фойдангизни кўзлаяпман. Тез орада ўзларингиз ҳам бунга ишонч ҳосил қиласизлар. Хуллас, жаноблар, мен сизларга қулликдан халос бўлиш йўлларини кўрсатиш учун келдим. Ўзларингиз бундан бехабар ҳолда, анчадан буён азоб тортиб келмоқдасизлар. Иблиснинг бу гапларидан кейин жамоат диққат билан қулоқ сола бошлади. Бирпасда оломон савол ёғдириб ташлади: «Бу нимаси? Ие, буниси қанақа бўлди? Тушунтириброқ айтинг!« Иблис гапини давом эттирди: — Аввало, сизларнинг Шоҳингиз, қонунларингиз ва ўзларингиз тўғриларингизда очиқчасига айтишим керак. Шоҳингиз шубҳасиз, буюк, қудратли, лекин У айтганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Сизлар учун бефойда. Биринчидан, шунинг учун тўғри эмаски, Шоҳингиз нималарнидир сизларга таъқиқлаб қўрқитган бўлсаю сизлар таъқиқланган нарсаларни қилган бўлсангиз ҳам, хавф–хатар юз бермайди. Мабодо сизни хавф–хатар кутиб турган бўлса ҳам, қуллик олдида бу нима бўлибди — гўё кичкинагина мевани еб, аҳмоқона иш қилгани учун доимо даҳшатли жазодан қўрқиб яшаш керакми?! Иккинчидан, сизларнинг қонунларингиз тўғрисида очиғини айтай: қонунларингиз телбанамо, чалкаш, чидаб бўлмайдиган даражада. Шунинг учун телбанамоки, сизларга хавф солиб турган жазо жиноят билан мутаносиб эмас: ҳаёт билан олма ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин?! Сизларнинг Шадайингиз қонунига кўра, олма туфайли ҳаёт қурбон бўлиши керак. Шунинг учун чалкашки, дастлаб Шоҳингиз сизларга, ҳамма нарсани тановул қилишларингиз мумкин, деб айтди, кейин эса негадир биттасини таъқиқлади. Учинчидан, Унинг қонунлари шунинг учун чидаб бўлмайдиган даражадаки, сизлар бехабар бўлган ҳузур–ҳаловатни аён қилиши мумкин бўлган мевани ейиш таъқиқланган. Бу дарахтнинг номидаёқ ўз исботини топган: эзгулик ва ёвузликни билиш дарахти. Сизлар эса ҳанузгача буни билмайсизлар. Афсус, бундай билиш истагининг яхши, ёқимли эканини фаҳмлай олмайсизлар. Сизлар Шоҳингиз Шадай ҳукмронлиги остида экансизлар, ҳеч қачон била олмайсизлар. Нима учун бир умр ўз ихтиёрингиздан ташқари, гумроҳликда яшашларингиз керак? Нима учун тафаккурингизни, идрокингизни ўстирмаслигингиз керак?! Эй, машҳур шаҳарнинг аҳолиси! Тан олинглар, сизлар ўзларингизни озод халқ деб ҳисоблай олмайсизлар. Сизларнинг қўл–оёқларингиз боғланган, сизлар қулликда яшаяпсизлар. Нима сабабдан? Ҳеч қандай оқилона сабабларсиз тепангизда осилиб турган даҳшатли қўрқув туфайли, фақат Шоҳингиз: «Мен айтганимдай бўлсин! Мен шуни истайман!» деб айтгани сабабли қулликда яшаяпсизлар. Донишмандлик ва шон–шуҳрат олиб келадиган ягона нарса сизлар учун таъқиқланганини ўйлаганларингизда, ўзларингизни ҳақоратланган ҳисобламайсизларми? Фақат ўша нарсалар туфайли кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам худолардай бўлиб қоласизлар. Мана, мен сизларга ҳаммасини аён қилиб бердим. Энди ўзларингиз ўйлаб кўринглар: бундан кейин ҳам қулликда яшайверасизларми? Сизлар ҳамма нарсадан маҳрум бўлган, бечора муте одамлар эканингизга энди ўзларингиз ишонч ҳосил қиласизлар. Руҳий ожизликдан ҳам даҳшатлироқ кишан борми?! Наҳотки ақл–идрокингиз: «Доимо гумроҳликда яшагандан кўра, кўзларингни очиб қараш яхши, доимо қоп–қоронғу, дим ертўлада яшагандан кўра, турмушингни яхшилаш ёқимли», деб ўзларингизга айтмаётган бўлса?! Иблис гапини тугатиши биланоқ Тисифон йўлбошчи Қаршиликка ўқ узиб, уни бошидан қаттиқ яралади. Қаршилик шаҳар девори ортига жонсиз йиқилди. Қаршиликнинг ўлганини кўрган бутун шаҳар аҳли довдираб, ўзларини ҳимоя қилишга ожиз бўлиб қолдилар. Шайтон ўз мақсадига эришди. Иблис ўзига нотиқ қилиб олган Ҳалокатли Мужмал жамоатга нутқ ирод қилди: — Жаноблар! Менинг ҳукмдорим ўз қаршисида мана шундай ювош, итоаткор халқ турганидан ғоят бахтиёрдир. Умид қиламизки, сизлар бизнинг яхши маслаҳатларимизни рад қилмайсизлар. Ҳукмдорим сизларни самимий севгиси билан озиқлантиради. Гарчи олдиндан унга Шоҳ Шадайнинг ғазаби ёғилиши маълум бўлса ҳам, у сизлар учун жонини фидо қилишга тайёр. Айтганларимга бирор нарса қўшимча қилишнинг фойдаси йўқ, сўзларимизнинг ҳақиқат эканининг исботи кифоя: дарахтнинг номиёқ сизларга буни кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳукмдоримнинг ижозати билан сизларга бир маслаҳат бермоқчиман: ҳукмдоримнинг сўзларини мулоҳаза қилиб кўринг, дарахтга, унинг мевасига назар солинг. Шуни ёдингизда тутингларки, рўпарангизда билиш воситаси турганини асло билмайсизлар. Агар бизнинг маслаҳатларимиз афзал эканини тушунишга қодир бўлмасангизлар, очиғини айтай: сизлар адашибсизлар. Одамлар дарахтга разм солдилару унинг меваси шубҳасиз, мазали, кўзни қувонтирадиган, бунинг устига ўзларига донолик ато қилиши муқаррарлигини билдилар. Одамлар дарахтни диққат билан кўздан кечирдилар, сўнг Ҳалокатли Мужмалнинг маслаҳатига риоя қилиб, Шоҳ Шадай таъқиқлаган мевадан узиб олдилар–да, тишладилар. Лекин аввало бир ҳолатни айтиб ўтишим лозим. Шаҳарнинг обрўли, машҳур бекларидан Беайб ҳамшаҳарларининг бу хатти–ҳаракатларидан олдинроқ, уларнинг кўзи олдида йиқилди–ю жон берди. У ўзига қарата отилган ўқдан ўлдими, ёки юз берган бемаъниликларни кўриб мадордан кетдими, ёки маккор Ҳалокатли Мужмалнинг сассиқ нафасидан бўғилиб ўлдими, аниқ билолмадим. Бир сўз билан айтганда, у тўсатдан жон берди[20]. Шаҳарнинг кўрки ва шуҳрати бўлган икки жасур инсон ҳалок бўлди. Улардан кейин тетик руҳли биронта одам қолмади. Ҳаммалари Иблисга итоат этиб, сажда қилдилар. Иблис уларни қул қилиб, кўп ўтмай, ўзининг хизматкорларидай муомала қиладиган бўлди. Одамлар таъқиқланган мевани ейишлари биланоқ, маст бўлиб қолиб, Овоза ва Кўз дарвозаларини ланг очиб юбордилар ва Иблис билан унинг мулозимларини киритдилар. Олийжаноб Шоҳ Шадайни, унинг қонунини, «Менинг хоҳишимга итоат этмасангизлар, ҳукм қилинасизлар», деб айтган гапларини унутдилар[21]. II Боб Иблис қалъани эгаллайди. — Шаҳар ҳокими Идрок ўз лавозимидан олинади. — Идрокнинг кўзини хиралаштириш учун баланд минора қурилади. — Солномачи жаноб Виждон ўз лавозимидан четлаштирилиб, Иблис ва аҳоли орасида ёмонотлиқ бўлиб қолади. — Бек Эркин Майл Иблисни жон–дилдан қувватлайди ва қалъанинг бош коменданти этиб тайинланади. — Шадайнинг тасвири бузиб кўрсатилиб, унинг ўрнига Иблис тимсоли ўрнатилади. — Бек Шуҳратпараст — шаҳар ҳокими, жаноб Эзгуликни унутган — солномачи этиб тайинланади. —Янги оқсоқолларнинг тайинланиши. — Шаҳарни Шадайдан ҳимоя қилиш учун учта қалъа қурилади. Иблис ўз тўдаси билан ланг очилган дарвозадан шаҳарга кирди ва ўз ғалабасини тасдиқлаш учун шаҳар марказига қараб йўл олди[22]. Бу пайтда оломон тобора унинг пинжига тиқилиб бораётганини кўриб: «Темирни қизиғида босиб қолай», деб ўйлади. Шу мақсадда уларга шундай деб хитоб қилди: — Эҳ бечора Руҳ! Аслида мен сенга шунчалик иззат–ҳурмат кўрсатиб, озодлик инъом этган ва ёрдам берган эдим. Лекин надоматлар бўлсинким, сен бир ночор ижод маҳсули экансан. Энди ҳимоячига кўпроқ муҳтож бўласан. Ишонавер, юз берган ҳодисани билиши билан, Шадай келади. Сен У билан алоқани узганингдан, ўзингдан кишанларни улоқтириб ташлаганингдан Шадай қаттиқ афсусланади. Унда нима қиласан? Наҳотки озодликка эришганингдан кейин ҳам озодлигингни рад этишга рози бўласан?! Қандай қарорга келасан энди? Иблиснинг бу сўзларига жавобан бутун аҳоли: «Бизнинг устимиздан сен ҳукмронлик қил!» деб хитоб қилдилар. Иблис таклифни қабул қилди ва ўзини Руҳнинг шоҳи деб эълон қилди. Унинг бундан кейинги биринчи иши қалъани ва қалъа орқали бутун шаҳарни эгаллаш эди. Қалъада Шоҳ Шадайга сажда қиладиган жой бор эди. Иблис ўша жойга чиқди. Энди у жойга Иблис ўрнашиб олди[23]. Иблис қалъада ўрнашиб олиб, ўша зоҳоти қўриқчиларни жой–жойига қўйди, озиқ–овқат билан таъминлади. Шоҳ Шадай ёки унинг хизматкорлари бундай шарафли ғалабани тортиб олмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди. Ниҳоят, Иблис ўзини тамомила бехатар сезгандан кейин, эски иншоотларни бузиб, янгиларини қуриб, шаҳарни қайтадан бунёд этишни ўйлади. Бунинг учун эса шаҳар ҳокими Идрок[24] билан Виждон деган солномачини вазифаларидан четлатиш керак, деб ҳисоблади. Гарчи шаҳар ҳокими фуқаролари билан бирга янги шоҳнинг хоҳиш–иродасига итоат этса ҳам, янги шоҳ уни ишончли деб ҳисобламади. Чунки янги шоҳ шуни билардики, бошқалар фаҳмлай олмайдиган нарсаларни Идрок кўра олар эди. Иблис Идрокни бадном қилиб, кўр қилмоқчи бўлди. Иблис Идрокнинг унвонидан ва лавозимидангина маҳрум қилиб қолмади, балки баланд минора ҳам қурдирди. Энди қуёш нурлари тушмас, уй қоп–қоронғу эди. «Идрокни олиб боринглар, худди қамоққа ташлагандай, устидан қулфлаб қўйинглар, у ердан чиқарилмасин», деб буйруқ берилди. Шундай қилиб, ҳатто ўзи хоҳлаганда ҳам, ҳамшаҳарларига фойда келтириш имкониятидан маҳрум қилинган эди. Жамоат Иблис ҳукмронлиги остида қолган пайтларда шаҳар ҳокими шаҳар аҳлига фойда келтиришдан кўра, кўпроқ ҳалақит берди. Муҳтарам солномачи Виждонга келсак, шуни айтиш керакки, у ўқимишли одам, Шадайнинг қонунларини аъло даражада билар, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқатни дадил, чин дилдан айтар эди. Калласи мулоҳазали бўлганидай, оғзи ҳам ҳақиқатни айтар эди. Солномачининг кўнгли Иблисга ҳеч илимади. Гарчи у Иблиснинг ҳукмронлигига алоҳида қаршилик кўрсатмаса ҳам, на хушомад, на меҳрибонлик, на ваъдалар уни янги шоҳга хизматкор қила олмади. Албатта, у Иблиснинг баъзи янгиликларини қўллаб–қувватлаб, салбий томонга ўзгарди, лекин у Иблисга чин эътиқод билан хизмат қилмаётгани аниқ эди. У доимо Шадайни эслади, қонунга қарши жиноят қилгани учун яқинлашиб келаётган жазодан даҳшатга тушарди. Шундай лаҳзаларда янги шоҳга қарши исён кўтаришга қарор қиларди. Бундай пайтда унинг овози ғазабланган шернинг ўкиришига ўхшаб кетарди. Баъзан тутқаноғи тутиб қолганда, унинг овози бутун шаҳарни ларзага соларди, шунинг учун янги шоҳ унга тоқат қилолмасди. Иблис шаҳарда ҳеч кимдан қўрқмаса ҳам, солномачидан чўчирди, чунки унинг нутқи бутун шаҳар аҳлини ларзага соларди. Унинг нутқлари момақалдироқнинг гумбур–гумбурига ўхшаб гулдирар, гўё чақмоқ сингари таъсир қиларди. Шунинг учун шоҳ нима бўлганда ҳам, кекса солномачини йўлдан оздириб, мастлик билан гангитишга ва унда ғазаб пайдо қилиб, раҳмсизлик пайдо қилишга қарор этди. Ҳақиқатан Иблис қарияни тамомила йўлдан оздиришга киришди. Тез орада қария гуноҳга ботиб, гуноҳ ботқоғида муттасил ўтириб қолди, эзгулик билан ёвузликни деярли ажратолмасди, деб айтса ҳам бўлади. Янги шоҳ бошқача қилолмасди ҳам. Қолаверса, Иблис бошқа бир нарсани ўйлаб қўйди. Шаҳар аҳлини: «Солномачи ақлдан озибди, унинг гапларига эътибор берманглар», деб ишонтирмоқчи бўлди. Бунинг исботи сифатида унинг тутқаноқ касалини сабаб қилиб кўрсатди: «Агар унинг ақли расо бўлганда эди, доимо ақли расо одамлардай гапирган бўларди, лекин ҳамма савдойилар каби, уни тутқаноғи тутиб қолганда, шундай бемаъниликлар қиладики, ақлдан озган қариянинг гапларига қулоқ солишларингизга асло ҳожат қолмайди.» Иблис шунга ўхшаш хатти–ҳаракатлар билан кўп ўтмай Руҳни ишонтирди. Руҳ қариянинг[25] устидан кулиб, унинг насиҳатларидан нафратланадиган бўлди. Бунинг устига, солномачи ширакайф бўлган пайтда, сал олдинроқ у айтган барча айбларни ва таҳдидларни инкор этишига ошкора мажбур қиларди. Шунинг учун солномачи Шадай тўғрисида аҳён–аҳёнда, гўё мажбурият орқасида гапирадигандай бўлди. Бир сафар нимадандир қаттиқ жаҳли чиқса, кейинги сафар ўша нарсани асло пайқамасди. Унинг бутун хатти–ҳаракати, фикр–қарашлари, феъл–атвори телва–тескари, тушунарсиз эди. Баъзан у узоқ вақт пинакка кетар, баъзан жамоат хушомадларга учиб, Иблиснинг ноғорасига ўйнаган пайтда худди ўликдай бўлиб ётар эди. Ҳар сафар Руҳ хижолат билан Иблисга қари солномачининг даҳшатли сўзларини етказганда, янги шоҳ: «Буларнинг ҳаммаси ақлдан озган телбанинг хом хаёллари холос, сафсатабозликка муҳаббат қўйганидан вайсайверади», деб уни дарҳол юпатарди. Ҳамма тинчланар, бутун шаҳарда осойишталик ҳукм сурарди. Кўпинча Иблис ўз мулозимига қуйидагича фикр–мулоҳазалар билан мурожаат этарди: «Эътибор бергин, азизим Руҳ, қариянинг қаҳр–ғазабию унинг ақлсиз гапларидан бошқа Шадайнинг Ўзидан ҳеч нарса эшитмаяпмиз.» Бундай пайтларда Иблис ҳар доимгидай, ёлғон гапираётган бўлар, чунки солномачи Виждоннинг хитоблари Шоҳнинг овозидан бошқа нарса эмасди. Зотан, Виждон Унинг йўлбошчиси эди. Лекин Иблис уларни алдашини қўймасдан шуларни қўшиб қўярди: «Ўзларингиз ишонч ҳосил қилишларингиз мумкин, Шадайингиз сизларни қадрламайди, сизларнинг Унга итоатсизлигингиз заррача ҳам нафсониятига тегмайди. У бирон марта ҳам сизлардан хабар олгани келмади, Ўзининг халқи қилиб қайтариш учун ҳаракат ҳам қилмайди. У яхши билади: гарчи сизлар илгари уники бўлсангиз ҳам, энди қонуний равишда меники бўлдингизлар, шунинг учун қўл силтаб, сизларни тинч қўйди. Шунинг учун сезяпсанми, эй Руҳ, мен сенга қандай бебаҳо хизмат кўрсатдим?! Мен сенга дунёдаги энг яхши нарсани топиб бердим. Ишончим комилки, ҳозир сен амал қилаётган қонунлар, ўзинг учун илгари эгаллаганинг жаннатдан ҳам кўра ёқимлидир. Энди сизларнинг эркинлигингиз чекланмаган, мен сизларни чиркин қулликда топиб олдим. Менинг хоҳишларим ҳам, ягон қонуним ҳам сизларни ваҳимага солмасин. Телба қариядан бошқа бирортангиздан хатти–ҳаракатларингиз учун ҳисоб талаб қилмайман. Сизлар ўша телбани биласизлар. Мен ҳар бирингизга шоҳона яшашларингиз учун ҳуқуқ инъом қилдим. Мен сизларга боғлиқ бўлмаганимдай, сизлар ҳам менга боғлиқ эмассизлар.» Шундай қилиб, солномачи қўрқинчли ўгитларини бошлаб, маккорона сўзлари билан аҳолини қария Виждонга қарши қўзғаганда, Иблис шаҳар аҳлини тинчлантирарди. Иблиснинг ўзи ҳам ҳар қандай йўл билан солномачини бутунлай ҳалок қилишга ҳаракат қиларди. Ниҳоят, аҳолининг ўзи бу эзма солномачидан безор бўлиб, уни ҳайдашни истаб қолди ва не машаққатлар билан уни жамоатдан чиқариб ташлади. Ҳатто унинг қиёфасини эслаганларида, бадахлоқлиги у ёқда турсин, даҳшатли нутқи ва дағдағалари билан у аҳолини қўрқитарди. Лекин буларнинг ҳаммаси беҳуда кетди! Шадайнинг қудрати биланми, ёки бошқа сабаб бўлдими, солномачи тирик қолди, унга ҳеч қандай зарар етмади[26]. Шуниси диққатга сазовор эдики, унинг макони мустаҳкам бўлиб, шаҳарнинг қоқ ўртасида виқор билан турар эди. Агар авом унга ҳужум қилишни хаёлига келтиргудай бўлса, шлюзларни очса бўлди — ҳамма сувга ғарқ бўлиши турган гап эди. Шаҳарда яна бир эътиборли амалдор — Эркин Майл бек ҳам бор эди. У аслзодалардан бўлиб, таги–зотига кўра, бошқалардан юқори турар, бунинг устига кўп имтиёзларга эга. Агар адашмасам, бошқаларга қараганда, Шоҳ Шадай унга алоҳида ҳуқуқлар берган эди. Унинг феъл–атвори қатъий, ўзбошимча ва қўрқинчли эди. Унга қарши туриш осон эмасди. У бошқалар қатори, Иблиснинг шаҳар аҳлига қарата айтган хитобини эшитганда, у туғма такаббурлиги туфайли, Шадайнинг хоҳиш–иродасига доимо муте бўлиб келганидан уялиб кетди. Шаҳарга ҳоким бўлиш умидида[27] айёр хушомадгўйнинг маслаҳатларини биринчилардан бўлиб қабул қилди. Иблисга садоқат кўрсатгани учун, у янги шоҳ томонидан алоҳида сийланди: янги шоҳ унинг қатъий, матонатли иродасини кўриб, ўзидан кейинги қудратли олий даражага кўтаришга қарор қилди ва уни қалъанинг бош коменданти, девор ҳамда дарвозалар соқчиларининг бошлиғи этиб тайинлади. Бунинг устига «Шаҳарда бирон нарса Эркин Майл бекнинг рухсатисиз қилинмасин», деб фармон берди. Шундай қилиб, Эркин Майл бек Шоҳ Иблисдан кейинги биринчи шахс бўлиб қолди. Эркин Майл бекнинг Мулоҳаза деган котиби бўлар эди. Мулоҳаза Эркин Майл бекнинг буйруғисиз гапирмасди ҳам, бирон иш қилмасди ҳам. Шу тариқа Руҳ тамомила ўз хоҳиши билан итоат этиб, ҳамма нарсани ўзининг фикри бўйича тайёрларди. Мен бир нарсани эслаганимда, доимо даҳшатга тушаман: Эркин Майл бек шаҳар устидан ҳукмронликни қўлга олганда, жуда ҳам таптортмас бўлиб кетди. Биринчидан, у қачонлардир ўзининг қонуний ҳукмдори бўлган Шоҳ Шадайга, садоқатлиман, қулингизман, деб қасам ичган эди, энди эса ошкора равишда қасамдан қайтди. Энди янги ҳукмдори Иблисга садоқатини изҳор этиб, қасам ичадиган бўлди. Бунинг эвазига янги шоҳдан имтиёзлар олди, унинг ҳурматига сазовор бўлди. Ҳамма нарсани ўзининг андазалари бўйича қайтадан қилишга киришди. Энди у, солномачи Виждонни қандай қилиб ўлдирсам экан, деб ўйлай бошлади. У Виждонга дуч келиб қолганда, у билан курашишга, унинг гапларини эшитишга асло тоқат қилолмас, кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб оларди. Эркин Майл бек бутун шаҳарга: «Шадайнинг қонунларидан бирон парча ҳам қолмасин», деб буйруқ берган эди. Масалан, унинг котиби жаноб Мулоҳазада олдинги қонунлар ёзилган[28] йиртиқ, кир бўлиб кетган қоғоз боғламлари бор эди. Бу қоғозларни фақат Эркин Майл беккина пайқаб қолиб, ўша зоҳоти улоқтириб ташлади. (Нахимиё 9:26) Тўғриси, солномачи қазноқчасида қонунлар китобини сақларди, лекин Эркин Майл бек у ерга ҳеч ҳам кира олмасди. У яна: «Шаҳар ҳокими Идрокнинг уйи деразасидан жуда кўп нур киряпти, мендан оддий шамнинг ёруғлиги ҳам чиқмасин», деб қарор қилди. Иблис ҳамма ёққа зулмат олиб кириб, бу билан Эркин Майл бекка ҳамдард бўлди. Бошқа ҳеч ким янги шоҳнинг фазилатлари ва куч–қудратини ғайрат билан шаҳар бўйлаб Эркин Майл бекчалик эълон қилолмади. Эркин Майл бек зулмат бегининг буюк ишларини баланд овоз билан шарафлаб, доимо кўча–кўйда юрарди, зулмат жамоатини изларди. Улар билан бирга, мен Иблисга биринчи бўлиб садоқат кўрсатганман, деб аюҳаннос соларди. Ҳар қандай чигал вазиятда ҳам ўз хоҳиши билан иш кўрар, буйруқни ҳам кутмасдан ёмонлик ўйлаб чиқарди. Эркин Майл бек ноиб унвонида аллақандай жаноб Ҳирс деганнинг измида эди. Жаноб Ҳирс ҳаддан ортиқ фаҳш ҳаёт кечирар, фақат ўз танасига ҳузур бағишлаб яшар, шунинг учун унга Шарманда Ҳирс деб ном қўйишган эди. У Мулоҳазанинг Шаҳват деган қизига уйланган, ундан Уятсиз, Ҳақорат, Fийбат исмли учта қоп–қора ўғиллар ва Ёлғонсевар, Шаккок ва Қасос деган учта қиз кўрган эди. Уларнинг ҳаммаси оилали, ўз навбатида бир неча ярамас болалар ҳам бор эдиқи, болаларининг исмларини айтиб ўтиришга арзимайди. Баҳайбат Иблис шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб олгач, кимни истаса, ўшани алмаштирди, юксак лавозимларга қўйди. Хуллас, Иблис шаҳарни равсо қилишга киришди[29]. Бозор майдонида ва ҳамма дарвозалар тепасида Шоҳ Шадайнинг тасвири қўйилган эди. Шадайнинг тасвири олтинга ўйилган, Уни жонли акс эттириб турарди. Янги ҳукмдор ўзининг хизматкори Ҳақиқат Душманига: «Бу тасвирларни булғаб ташла, токи асл ҳолатини йўқотсин, бунинг ўрнига эса менинг тасвиримни ўрнат», деб буйруқ берди. Буйруқ ижро этилди. Яна шундай буйруқ чиқарилган эди: «Олийжаноб Шоҳ Шадайнинг қандайдир қонунлари ва қарорлари ҳақидаги ҳар қандай хотира йўқ қилинсин.» Руҳ жамоати ўзларини энг тубан ҳайвон — балчиқда ағнаб ётган чўчқадай тасаввур қилсинлар, деб Эркин Майл бек ва Ҳақиқат Душманининг қўли билан ҳамма яхши нарсалар илдизидан йўқ қилиниши керак эди. Шундан кейин Иблис ўзининг қонунлари ва қарорларини халққа билдирди. Бу қонун ва қарорлар бўйича, барча бемаъни иштиёқларга ружу қўйишга, ҳар қандай ёвузлик қилишга, киборликка, тана ва кўз шаҳватига, бир–бирини иғво қилишга ижозат берилган эди. Бир сўз билан айтганда, Шоҳ Шадай таъқиқлаган ҳамма нарсага Иблис ижозат берган эди (1Юҳ. 2:16). Иблис Руҳга: «Менинг қонунларимни ижро этганингда, сенга хотиржамлик, хурсандчилик, жамики заминий бойликларни беришга ваъда қиламан, бунга ўхшаш иш доимо мақтов билан қабул қилинади», деб ишонтирди. Орадан кўп ўтмай, Руҳ Иблиснинг ҳукмронлиги остида шундай ўзгардики, унда Иблиснинг асоратини топмаслик мумкин эмас эди. Иблис ўз ғалабасининг муҳимлигини эътироф этиб ва Руҳни ерга уришни ҳам истамай, шаҳарни ҳокимсиз қолдиришни истамади. Ҳалол, адолатгўй Идрокнинг ўрнига ўзининг садоқатли хизматкорларидан бири Шаҳватпарастни бек қилиб, аллақандай Эзгуликни унутган деганни солномачи этиб тайинлади. Шаҳватпараст инстинкт бўйича яшарди, унинг на кўзи, на қулоғи бор эди[30], ҳар жиҳатдан молга ўхшарди. Жамоат уни ўзларининг ҳокими деб эътироф этган бўлса–да, унга қўшилмасди. Янги тайинланган солномачи ҳеч қачон яхши нарсани эслолмасди: унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳатто Руҳда ҳам ёвузликни яратишга йўналтирилган эди. Шаҳар ёки мамлакат ҳокимлари иллат намунаси бўлиб хизмат қилганда эса уларнинг қўли остидаги ҳамма нарсага ўша иллат юқишини барча билади. Бундан ташқари, Иблис шаҳарда кўп оқсоқолларни тайинлади. Уларнинг орасидан, зарурат туғилганда, юқори лавозимларга танлаб олиш мумкин эди. Уларнинг исмлари қуйидагичадир: Ишончсиз, Такаббур, Худоурган, Фаҳш, Тошюрак, Бераҳм, Fазаб, Ҳақиқат Душмани, Ёлғончи, Ичкиликбоз, Фирибгар, Ёлғон Дунё, Худосиз — ҳаммаси бўлиб ўн учта эди. Ишончсиз — энг каттаси, Худосиз — энг кичиги эди. Иблис кўпчиликни қуйи лавозимларга ҳам тайинлади, лекин уларнинг ҳаммаси олдингиларга яқин қариндош эди. Шу билан бирга, Иблис шаҳарни Шоҳ Шадайнинг ҳужумидан ҳимоя қилиш учун олиб бўлмайдиган қалъа қуришни ҳам ўйлаб қўйди. У учта қалъа барпо қилди. Биринчи қалъага Даъват қалъаси деб ном берди. Бу қалъа бутун шаҳар устида қад кўтариб турар, бу эса шаҳарнинг олдинги Шоҳга алоқаси йўқлигини исботлаб турарди. Иккинчи қалъага Ярим тун деб ном қўйди. Бу қалъа Руҳни ҳар қандай нурдан ва ўзини англашдан маҳрум қиларди. Учинчиси — Гуноҳ қалъаси эди. Бу қалъа ҳар қандай яхши туйғуларнинг шаҳарга киришига тўсиқ эди. Биринчи қалъа Кўз дарвозасининг ёнгинасида бўлиб, ташқаридан ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди. Иккинчиси эски қалъанинг ёнида бўлиб, ўз сояси билан шаҳарга янада кўпроқ зулмат олиб кирар эди. Учинчиси бозор майдонида эди. Биринчи қалъага Яхшиликбилмас дегани тайинланди. У Иблиснинг мулозими бўлиб, ўтакетган худосиз эди. Иккинчи қалъа — шахсияти номаълум, разил Нур Душмани деганга топширилди. Учинчи қалъага шаҳар аҳолисидан Танасевар дегани тайинланди. У янгича ҳаёт олдинги йўқотилган ҳузур–ҳаловатдан ҳам ёқимлироқ, деб ҳисоблади. Ниҳоят, Иблис эришилган ютуқлардан хотиржам бўлди. Олийжаноб Шадайни эслатадиган ҳамма нарсани йўқ қилди, олдин ташкил қилинган ҳамма нарсани бузиб кўрсатди, барча қоидаларни ўзгартириб, бошлиқларни алмаштирди, ёлғон қарорларини чиқарди, ўз хизматкорларини тайинлади, қалъалар бунёд этиб, Шоҳ Шадай ёки Унинг Ўғли Ўзининг севикли ижодини қайтадан қўлган киритиш учун ҳужум қилишни ўйлаб қолмасин, деб у қалъаларни ўзининг манфаати учун жиҳозлади. III Боб Тўнтариш тўғрисидаги хабар шоҳ Шадайга етиб келади. — Шадай Руҳнинг мағлуб бўлганини эшитиб, қаттиқ қайғуради. — Шоҳ Ўғли шаҳарни озод қилишни ният қилади. — Бу тўғрида эълон тарқатилади. — Иблис бу янгиликни Руҳ аҳолисидан яширишга ҳаракат қилади. — Иблиснинг шаҳардаги мунофиқ қўриқчилари. — Шоҳ Шадай билан жанг қилиш учун аҳоли қуроллантирилади. Сиз осонгина тасаввур қилишингиз мумкин: юз берган воқеа Шадайга аллақачон етиб борган эди, ҳамма икир–чикиригача Унга маълум эди[31]. Шоҳ элчиси Руҳнинг ачинарли ҳолатини[32], Иблиснинг ва унинг тўдасининг маккорлигини, мабодо Шоҳ Шадай ва Унинг Ўғли Ўз ижодини душмандан қутқаришни истаб қолмасин, деб шаҳарнинг мустаҳкамланиб, қуроллантирилганини айтиб берди. Элчи бу гапларини саройда Шоҳнинг Ўзи ва Унинг Ўғли, Шоҳ амалдорлари олдида айтди, йўлбошчилар ва хизматкорлар ҳам иштирок этишди. Улар Иблиснинг севимли шаҳарга ҳужум қилганларини эшитганларида, «Шоҳнинг севимли ижодини айёр восвосчи асирга олибди–да», деб чуқур қайғуга ботдилар. Шоҳ ва Унинг Ўғли бу ҳодисани олдиндан кўрган, гарчи атрофидагиларга бу тўғрида гапирмаган бўлсалар–да, Руҳни қутқариш учун Ўз лашкарини тайёр қилиб қўйган эдилар. Лекин Шоҳ бу хабарга: «Мен ҳам, Ўғлим ҳам қаттиқ қайғудамиз, Ўзимизнинг севикли масканимиз — машҳур Руҳ шаҳрига чин дилдан ачиняпмиз», деб жавоб берди. (Ибтидо 6:5,6) Шоҳ ва Унинг Ўғли танҳо қолиб муҳокама қилганларидан кейин шундай қарорга келдилар: «Ўз ижодимнинг қулашига ва олинишига йўл қўйган бўлса ҳам, ижодим қутқарилиши муқаррар, шундай қиламанки, Руҳнинг яратилганига қараганда, Менга янада катта шуҳрат келтиради.» Шадайнинг Ўғли мўминлик, севги ва афсус–надомат билан сотқинлиги учун Иблисдан қаттиқ ғазабланди, отасидан: «Сиз учун севикли бўлган шаҳарни абадий қулликдан қутқаришга ижозат беринг», деб илтимос қилди. Шоҳ севикли Ўғлининг илтимосини рад қила олмасди, «Мақасадингни амалга оширавер, айнан Олам мамлакатидаги қулаган ижоднинг илк шаклига саёҳат қил», деб Ўғлига ижозат берди. Шоҳ яна Ўғлига: «Шаҳарнинг телбалиги учун Ўзингга азоб–уқубатларни соласан, шаҳарнинг Иблисдан ва унинг ҳукмронлигидан тамомила озод бўлиши учун мустаҳкам асос ярат», деб айтди. Шоҳнинг Ўғли Эммануил Отасига шундай деб ваъда берди: «Менинг вақтим келади, Мен шаҳарни иблиснинг панжаларидан тортиб оламан, Иблиснинг ўзини Руҳим билан қуваман, шундан кейин Ўзим Руҳда жойлашиб оламан, ҳеч ким уни Менинг қўлимдан тортиб ололмайди.» Эммануилнинг бу гапидан кейин Шоҳ Ўзининг Бош Вазирига[33]: «Шаҳарни келгусида халос қилиш тўғрисида ёзма хабар тайёрлаб, ёзилган мактубни Оламнинг ҳар бурчига юбор», деб топшириқ берди. Мана ўша топшириқнинг қисқача мазмуни: «Ҳаммага шу нарса маълум бўлсинки, улуғ Шоҳ Шадайнинг Ўғли Ота билан аҳд тузди. Бу аҳдга мувофиқ, Ўғил Отага Руҳни қайтариши керак, бундан ташқари, Ота, Руҳга бўлган чексиз севгиси туфайли, унга шундай ҳузур–ҳаловат инъом этадики, Иблис уни асирга олгунга қадар бундай ҳолатда бўлмаган эди.» Бу мактуб ҳамма ёққа тарқатилди. Иблис бундан ғоят ғазабланди, бунинг оқибати нима бўлишини олдиндан биларди. Эммануилнинг қарори Шоҳ Шадайнинг бутун саройига маълум қилинганда, Шоҳнинг аъёнлари ва хизматкорлари қандай завқ–шавққа тўлганини тасаввур қилмаслик мумкин эмас. Аввал астароқ, кейин баланд овозда тантанали нутқлар айтилди. Кўп ўтмай, ўша шоҳликда истиқомат қилаётганларнинг ҳаммаси бирдан оҳангдор қўшиқ бошлаб, Шоҳ Шадай ва Унинг Ўғлининг ҳалок бўлган Руҳга бўлган буюк, ажойиб севгисини мадҳ қилдилар. Шоҳнинг аъёнларидан кўпчилиги бу буюк янгиликни оғзаки ва ёзма равишда эълон қилиш учун Олам мамлакатига йўл олдилар. Ниҳоят, бу хабар Иблиснинг қулоғига ҳам етиб борди. У, энди қандай ҳаракат қилсам экан, деб ўйлай бошлади ва қуйидагича қарор қилди: 1. Бу хабар шаҳар аҳлининг қулоғига етиб боришига имкон қадар халақит бериш[34]. «Чунки, — деб ўйлади Иблис, — Шоҳ Шадай ва Унинг Ўғли Эммануил Руҳга жазо бермасдан, яхшилик қилишларини билиб қолса, шубҳасиз, у менга қарши исён кўтариб, Шадайга қайтади.» Шу мақсадда у Эркин Майл бекка яна ҳам хушомад қилиб: «Кўз ва Овоза дарвозасини кечаю кундуз қаттиқ қўриқлагин», деб илтимос қилди. «Жамоатнинг кўзига бизни хиёнатчилар деб кўрсатишларини мен билиб қолдим, — деб қўшимча қилди Иблис. — Энди эса Руҳни олдинги қуллигига қайтариш керак. Балки бу ёлғондир, лекин барибир шаҳарда хавф–хатарнинг олдини олиб, тинчлик бўлиши учун ҳар турли воситаларни ишга солиш керак, токи бу хабар Руҳнинг кўзидан нари бўлсин, у эшитиб қолмасин. Бу янгилик мен учун кўнгилсизлик бўлганидай, сенга ҳам кўнгилсизлик эканига имоним комил. Шунинг учун ҳар қандай шубҳали шахсни қамаб қўй, шаҳарга бегонани киритма. Менинг номимдан буйруқ бер: соқчилар кечаю кундуз шаҳарни қўриқласинлар, кимки бизга душман бўлиб кўринса ёки Шоҳ Шадайнинг ниятини эълон қиладиган бўлса, ундайларга раҳм–шафқат қилинмасдан, ўлдирилсин.» Эркин Майл бек эҳтиром билан ўз ҳукмдорининг буйруғини тинглаб, унинг топшириғини ижро этишга жўнади. У шунчалик ғайрат билан ишга киришдики, Шоҳ Шадайнинг хабарчилари, Руҳнинг кўзи кўр, тили соқов бўлиб қолибди, деб ўйлашлари мумкин эди. 2. Шундан кейин Иблис, менга садоқати учун қасамёд қилишсин, деб бутун шаҳар аҳлини йиғди. У шаҳар аҳлига: «Шадай бизга ўлим билан қилган аҳдимизни ва дўзах билан қилган битимимизни бекор қилишга ҳақли эмас, деб баланд овозда эълон қилинглар», (Ишаё 28:15) деб амр берди. Бутун аҳоли ҳеч иккиланмасдан, ҳатто мамнуният билан эшитганлари тўғрисида қасамёд қилдилар[35]. 3. Лекин ҳасад Иблисга тинчлик бермасди. У Руҳни янада йўлдан оздиришни ўйларди. Иблис бу ишга ифлос ҳаёти билан машҳур Ҳаром деганни тортди ва унга ярамас бир эълон[36] ёзишни буюрди. Эълон қуйидагича эди: «Ҳар қандай шармандали, ифлос ишлар қилиш учун ҳаммага ва ҳар бир одамга ижозат берилди. Кимки бунга қарши турса, Иблиснинг ғазабига дучор бўлади. Бу эълон шаҳарнинг ҳамма дарвозаларига осиб қўйилсин.» Иблис бу билан жамоатнинг кучини яна ҳам заифлаштиришни ўйлаган эди: «Жамоатга Шоҳ Шадайнинг хабари етиб боргудек бўлса, уларда нажот топишга ишониш имконияти ва умиди қолмасин, чунки уларнинг ақл–идроки «Одам қанчалик кўп гуноҳкор бўлса, нажот топишга умид шунчалик кам бўлади»[37], деб айтиши керак. Бунинг устига Иблис яна бир нарсага умид боғлаган эди: Эммануилда инсонга нажот бериш истаги бўлишига қарамай, инсондаги бу қадар ифлосликни ва ахлоқнинг бузилганини кўриб, У бу қадар паст ижодга нажот беришдан воз кечади, ҳатто улар билан алоқа қилишни истамайди. Шадай муқаддас эканини ва Эммануил ҳам муқаддасликда Шадайдан кам эмаслигини Иблис билар эди. Мабодо у бунга муваффақ бўла олмаса, бошқа бир нарсани ўйлаб қўйди: 4. Афв этиш тўғрисидаги хушхабар етиб келмасдан олдин, бутун шаҳар аҳолисини «Шоҳ Шадай сизларга қарши лашкар бошлаб келяпти, сизларни яна қулликка қайтармоқчи», деб ишонтириш. «Чунки, — деб ўйлади Иблис, — мен уларни вақтида бу воқеадан хабардор қилсам[38], уларни бунга ишонтирсам, кейинги хабарлар уларга асло таъсир қилмайди. Шадай бизга қарши келяпти, деб ўйлайдилар ва мен билан бирга Шадайга қарши чиқадилар.» Иблис бутун аҳолига, бозор майдонига йиғилинглар, деб буюрди. Сўнг уларга шундай деб мурожаат қилди: — Жаноблар, дўстларим! Биласизларки, сизлар менинг қонуний фуқароларимсиз, Руҳнинг машҳур халқисиз. Сизлар учун қилган ҳамма яхшиликларимни, ҳамма хизматларимни, сизларга қанчалик эркинлик инъом қилганимни эсланглар. Лекин энди, надоматлар бўлсинким, садоқатли хизматкорим Люцифер — у жуда каллали–да — бир хабар олиб келди: Шоҳ Шадай сизларга қарши лашкар тортиб келмоқда экан, шаҳарни вайрон қилиб, ҳаммани йўқ қилмоқчи экан[39]. Сизларни бу ерга тўплаганимнинг сабаби ҳам шу. Сизларни ҳимоя қилиш учун ҳаммамизнинг душманимизга қарши қандай ҳаракат қилишимиз кераклигини бир ўйлаб кўрайлик. Менга келсак, шуни айтишим керакки, агар ўзимни ўйлаганимда эди, ўзимга ёрдам берган бўлардим. Азизим Руҳга, хавф–хатар билан ўзинг курашавер, деб уни ёлғиз ташлаб қўйган бўлардим. Лекин менинг қалбим сизларга шунчалик боғланганки, сизларни ташлаб кетолмайман, қандай бўлмасин, қисматингизни сизлар билан баҳам кўришга тайёрман. Хўш, сен нима дейсан, Руҳ? Эски дўстингдан юз ўгириб кетаверасанми ёки мен билан бирга ҳаётга ва ўлимга борасанми? Ҳамма бир овоздан: «Сендан юз ўгирган ҳалок бўлаверсин!» деб хитоб қилди. Иблис гапида давом этди: — Албатта, биз ҳеч қандай афвга умид қилмасак бўлади, чунки Шоҳ Шадай бу сўзни тушунмайди. Балки У шаҳарда пайдо бўлганда, кечирдим, деб сизларни ишонтириши мумкин. Лекин У шаҳарни осонлик билан эгаллаб олиш учун муғомбирлик қилиб шундай деб айтиши мумкин. Шунинг учун У сизларга нима деб гапирмасин, ишонманглар, чунки Унинг гаплари фақат битта мақсадга қаратилган бўлади — шафқатсиз ғалабасини ғанимат билиб, бутун олам олдида сизларни қон ичида сузиб юрган қилиб кўрсатишдир. Менинг фикрим шундай: Унинг ҳеч қандай шартига рози бўлмасдан, охирги одамгача Шадайга қарши курашсин, Унинг шартларига рози бўлиш жуда ҳам хавфлидир. Лекин Шадай баъзиларни афв этди, ҳам дейлик. Лекин сизларга — шаҳар бошлиқларига бундан бирон наф борми? Менга бўлган садоқатингиз туфайли сизларни ўзим юқори лавозимларга кўтардим–ку! Ёки У ҳаммани кечирди, дейлик. Яна эски тос, эски ҳаммом: ҳаммани Ўзининг хоҳиш–иродасига бўйсундириш, қисматингиз олдингидан ҳам баттар бўлади. У сизларга ҳозиргидай эркинлик бериб қўядими?[40] Сизларга шуни айтиб қўяй, гапимга ишонаверинг: У сизлар учун тайёрлаётган қулликни ҳеч нарса билан солиштириш мумкин эмас. Қон, қон ва яна қон — Шадай ҳар карнай чалганда эшитиладиган нарса фақат шу, холос. Ҳушёр бўлинглар, яна такрорлаб айтаман: ҳушёр бўлинглар! Эшитиб турибман, У яқинлашиб келмоқда. Якдил бўлиб, қўлларингизга қурол олинглар. Сизлар учун шунчалик кўп қурол тайёрлаб қўйганманки, бутун шаҳарни бошдан–тирноғигача қуроллантиришга етади. Агар сизлар қуролни маҳкам ушласангизлар, Шадай сизларга асло зарар келтира олмайди. Орқамдан қалъага юринглар, сизларни у ерда жон–дилим билан қабул қиламан, жангга тайёрланасизлар. Мана, дубулға, совут, қилич, қалқон ва бошқа қурол–аслаҳалар, бу қуроллар билан сизлар енгилмас қаҳрамон бўласизлар. 1. Менинг дубулғам — ақлий киборлик, ҳузур–ҳаловатга етишишга ишонч, бундан ташқари, ҳаёт тарзи қандай бўлмасин, дунёвий хотиржамлик. Юрагида ёвузлик билан, бунга қўшимча равишда чанқоқликка сархуш бўлиб яшашларига қарамай, бойлик қўлга киритишга ишонадиганлар бу дубулғани кўтариб юрганлар. (Амрлар 29:19) Бу — синалган қурол[41], кимки бу қуролни ечмасдан тақиб юрса, унга душманнинг на ўқи, на қиличи , на найзаси тегади. Эй Руҳ, менинг дубулғамни ол, кўп бало–қазолардан бехатар бўласан. 2. Совутим тобланган темирдан қилинган. Мен, шоҳлигимда совут боғлаб юрилсин, деб буйруқ берганман. Шунинг учун қўл остимдагиларнинг ҳаммаси совут боғлаб юради. Совут — ҳис қила олмайдиган тош юракдир. Кимнинг юраги тош бўлса, уни ҳеч қандай афв аврай олмайди, ҳеч қандай таҳдидлар қўрқитолмайди (Ваҳий 9:9). Кимки менинг байроғим остида Шадайга қарши курашмоқчи бўлса, бу қурол зарурдир. 3. Менинг қиличим дўзах алангасида тобланган (Забур 56:5), илондай эгилувчанлиги билан Шоҳ Шадайни, Унинг Ўғлини, Унинг қонунларини, халқини ғийбат қилади (Забур 63:4). Бу қиличдан фойдалан, бу қилич минг марталаб синалган. Кимки менинг кўрсатмамга мувофиқ, қиличимга эга бўлиб, уни сақласа, душманларим ҳеч қачон уни мағлуб қила олмайди (Ёқуб 3:3–5). 4. Менинг қалқоним — бу оламдаги гуноҳкорлар устидан Шадай тайинлаган ҳукмнинг афсона эканига ишонтириш, ҳақиқат эканига ишонмаслик ёки шубҳа билан қарашдир. Бу қалқондан фойдалан (Аюб 15:26). Шадай қалқонимга кўп марта ҳужум қилган, гарчи У қалқонимни синдирган бўлса ҳам, лекин бу ҳолат кам бўлган (Забур 75:4). Менинг хизматкорларим билан Эммануил ўртасидаги жанг тўғрисида ёзганлар ҳам «Уларнинг ишончсизликлари туфайли Худо Ўғли бирон марта ҳам мўъжиза кўрсата олмаган» (Марк 6:5,6)ликлари тўғрисида гувоҳлик берганлар. Бу қуролдан фойдаланиб, сизлар ҳеч нарсага — қанчалик ҳақиқат бўлмасин, ким томонидан айтилган бўлмасин, ишонмайсизлар. Агар Шоҳ ваҳимали қиёмат куни тўғрисида гап бошласа, ишонманглар, тавба қилсангизлар, афв этаман, деб ваъда берса ҳам ишонманглар, Унинг биронта сўзига ҳам ишонманглар. Унинг айтган ёки ёзган ҳар қандай сўзидан шубҳаланинглар, таҳлил қилинглар. Ўшанда Унинг гаплари чалкаш, тушунарсиз эканига ишонч ҳосил қиласизлар, менинг идрокли, доно фуқароларим учун нолойиқ бўлган кўр–кўрона, маънисиз имонни Ўз хизматкорларидан талаб қилаётганини билиб оласизлар. Шунинг учун Унинг васвасаларига учманглар, менга — ўзларингиз сайлаган шоҳга лойиқ эканингизни кўрсатинглар. Кимки бошқача йўл тутса, у менинг душманимдир. 5. — Менинг яна бир ажойиб қуролим бор, — деб гапида давом этди Иблис. — Бу — ибодат қилганда соқов, қувватсиз руҳ, афв этиш тўғрисидаги ҳар қандай кечиримларга қарши исён руҳи. Сен, эй Руҳ, бу қуролдан дарҳол фойдалан. Қандай қилиб, дейсанми? Наҳот кечириш учун фарёд қилинса?! Агар меники бўлиб қолишни истасангизлар, ҳеч қачон… Биламан, сизлар мард одамсизлар, сизларга синалган қуролни бердим. Нима учун энди Шадайга, кечиргин, деб нола қилишларингиз керак?! Бу истакни хаёлларингизга ҳам келтирманглар. Яна сизларга болға, қоракуя, ўқ ва ўлимни ҳам таклиф қилишим мумкин. Буларнинг ҳаммаси донғи кетган қуроллар, ҳеч қачон хатога йўл қўймайсизлар. Иблис шаҳар аҳолисига юқорида айтилганларни бериб бўлиши биланоқ, Руҳга охирги ўгитларини айтди: « Ёдингда тут, эй Руҳ! Мен сенинг қонуний шоҳингман, сен менга, сизга садоқатлиман, ҳар қандай ҳолатда ҳам сиздан юз ўгирмайман, деб онт ичгансан. Яна такрорлаб айтаман, ёдингдан чиқарма. Менинг сенга бўлган олийжаноб рағбатимни, сенга инъом қилган фаровонлигимни ҳам ёдингда тут. Ҳатто ўзинг кутмаган ҳолда инъом этганман буларни. Энди душман сени менинг қўлимдан тортиб олмоқчи бўлиб турган пайтда, садоқатингни кўрсат. Энди охирги гапимни айтай. Агар биз душманга бардош бера олсак ёки ўзимиздан қувиб юборсак, тез орада бутун олам бизнинг қўл остимизда бўлади. Ўша кун келганда, сиз, жасур хизматкорларимни ворислик ҳуқуқига эга бўлган беклар қилиб кўтараман. Ҳаммамиз ажойиб ҳузур–ҳаловатда яшаймиз».[42] Иблис шу тариқа ўз қўл остидаги шаҳар аҳолисини олийжаноб Шоҳ Шадайга қарши қуроллантириб ва қўзғатиб, гарнизонни яна ҳам кучайтирди. Ўзи эса қалъада ўрнашиб олиб, ҳар эҳтимолга қарши ҳужум бўлиб қолса деб, қаттиқ мустаҳкамлади. Агар Шадай Ўз лашкари билан севикли ҳукмдорлари Иблисга қарши уруш эълон қилиб қолгудек бўлса, бутун шаҳар аҳли янги шоҳга ўзларининг садоқатини кўрсатишни истарди. IV Боб Шадай Руҳни бўйсундириш учун тўртта лашкарбошиси — Воанаргес, Маслак, Ҳукм, Қатл бошчилигида қирқ минглик лашкарини юборади. — Бу лашкарбошилар аҳолини, ўйлаб кўринглар, деб кўндирмоқчи бўладилар, лекин натижа бўлмайди. — Умидсиз, Эркин Майл ва Эзгуликни унутган Шоҳнинг элчиларига, шаҳарни тинч қўйинглар, деб таклиф қилади. — Нотўғри Тушунча олтмишта гунг одамлари билан Овоза дарвозасини қўриқлайди. Бу пайтда шафқатли Шоҳ Шадай Ўз лашкарини тайёр ҳолда ушлаб турарди. Бу лашкари Унинг севимли ижодини сохта шоҳ Иблиснинг ҳукмронлигидан озод қилиши керак эди. У Ўз хизматкорлари орқали шаҳарни қайтариб олишга уриниб кўрмагунча, Ўғлини юбормасликни маъқул деб ҳисоблади. У аввало, Руҳнинг мойиллиги ўрганилсин, уни асосли гаплар билан жалб қилишга ҳаракат қилинсин, деб буйруқ берди. Лашкар 40.000 жасур жангчидан иборат эди[43]. Улар Шоҳ саройида йиғилган бўлиб, Шоҳнинг Ўзи томонидан танлаб олинган эди. Бутун лашкар тўртта баҳодир қўмондон қўли остида бирлашди[44]. Ҳар бири 10.000 одамга қўмондонлик қиларди. Биринчи йўлбошчининг исми Воанаргес, иккинчисиники Маслак, учинчисиники Ҳукм, тўртинчисиники Қатл эди. ҳар тўртала қўмондон моҳир жангчилар бўлиб, қўл остидагилари сингари қилич ишлатишга моҳир эдилар. Ҳар бир қўмондон Шоҳдан махсус байроқ олди. Байроқни қўшин олдида ҳилпиратиб олиб бориб, тўғри ишнинг исботи ва шаҳар устидан қонуний ҳукмронликнинг исботи бўлиши керак эди. Ҳамма қўмондонларнинг бошлиғи Воанаргес бўлиб, унинг Момақалдироқ деган байроқдори бор эди. У қора либос кийган, тамғаси учта ловуллаб турган момақалдироқ ўқларига ўхшарди (Марк 3:17). Иккинчи қўмондон Маслакнинг Қайғу деган байроқдори бор эди. Унинг либоси оқ бўлиб, тамғасида очиқ ҳолатда турган қонунлар китоби бўлиб, китобдан аланга чиқиб турарди (Амрлар 33:2). Учинчиси ҳукм бўлиб, унинг байроқдори исми Даҳшат, либоси қирмизи рангда эди. Унинг тамғасида аланга ёниб, қизиб турган тандирни эслатарди (Матто 13:40–42). Тўртинчиси Қатл бўлиб, унинг байроқдори исми Адолат эди. Адолатнинг либослари қон рангида эди. Тамғасида мевасиз дарахт ва дарахт илдизида ётган болта тасвирланган эди (Матто 3:10). Шоҳ Шадай тўртала қўмондонни чақирди. Уларнинг ҳар бири Шоҳ ҳузурида ўн мингтадан сипоҳи билан ҳозир бўлди. Улар Шоҳдан ўз обрўйига, унвони ва куч–қудратига қараб қурол олдилар. Шоҳ ҳаммага эшиттириб, уларга: «Менинг топшириғимга кўра борасизлар, ўз вазифангизни садоқат билан, ҳалол бажаринглар», деб буйруқ берди. Шоҳнинг топшириғи кимга қаратилганига боғлиқ бўлиб, моҳияти қуйидагича эди: «Буюк Шадайнинг Руҳ Шоҳининг садоқатли ва жасур қўмондони Воанаргесга Иблис томонидан мағлуб этилган Руҳга қарши уруш бошлаш учун топшириғи. Эй Воанаргес! Сен Менинг жасур қўмондонларимдан бирисан, Менинг ўн минг садоқатли хизматкорларимнинг бошлиғисан. Ўз лашкаринг билан Менинг номимдан бахтиқаро Руҳ ҳузурига бор. Сен у ерга етиб борганингдан кейин, аввало, шаҳарга, тинчликни таклиф қиламан, деб айт (Матто 10:12; Лука 10:5). Сўнг аҳолига, ёвуз Иблиснинг истибдод занжирларини улоқтириб ташлаб, Шадайга — ўзларингизнинг қонуний Шоҳингиз ва ҳукмдорингизга юз буринглар, деб буйруқ бер. Қаллобга тегишли нарсалардан покланинглар, деб буюр ва ўзинг диққат билан бу нарсаларнинг бажарилишини кузат. Агар улар сенга қулоқ солиб, чин дилдан итоат этсалар, қўшинингни қалъада кучли гарнизон ташкил қилишга йўналтир. У ерда яшовчилардан кимки ўз айбини тан олса, заррача зарар етказма. Ҳар бири билан дўстона, биродарларча муомала қил. Чунки Мен ундайларни севаман, улар Мен учун қимматли, уларга айтгинки, вақти келиб, Мен уларнинг олдига тушганимда, қанчалар шафқатли эканимни уларга кўрсатаман (1Салоника. 2:7–10). Лекин агарда Менинг номим билан айтган ўгитларга, далилларга қарамай, сенга қаршилик кўрсатаверсалар ва ғалаённи давом эттираверсалар, уларни итоат эттириш учун бутун ҳукмронлигингни ва куч–қудратингни ишлатишингга ижозат бераман. Бошлайвер.» Ҳар тўртала йўлбошчи бир–бирига ўхшаш буйруқ олди. Улар янги либосларга ўранишиб, Шоҳ Шадайнинг сўзлари бўйича, қачонлардир донғи кетган шаҳарга байроқларни ҳилпиратиб олиб кирдилар. Воанаргес биринчи бўлиб лашкарини бошлаб борди. Маслак ва Ҳукм унинг ортидан, орқада эса қўмондон Қатл ўз лашкари билан кетди. Йўл узоқ бўлгани учун, улар кўп номаълум шаҳарларни босиб ўтишларига тўғри келди. Бу шаҳарлардан ўтаётганларида, ҳеч кимга тегмадилар, аксинча ҳамма жойда Шоҳ Шадай номидан халқни дуо қилдилар. Сафарнинг барча харажатлари Шоҳнинг ҳисобидан эди[45]. Бир неча кун йўл босганларидан кейин[46], улар узоқдан истило қилинган шаҳарни кўрдилар. Қўлдан кетган Руҳга яқинлашганларида, барча лашкарбошилар ва сипоҳлар унинг ачинарли аҳволига ҳамдардлик билдирдилар. Чунки улар ўша зоҳоти Руҳда Иблис қолдирган асоратни — зулм ва қулликни кўрдилар. Ниҳоят, лашкарлар шаҳарга от чоптириб бордилар ва Овоза дарвозасига йўл олдилар. Чодирлар ўрнатиб, ҳаммалари жойлашиб олдилар. Сўнгра шаҳар аҳлига яккаю ягона эшитадиган туйнукдан мурожаат қилдилар. Руҳ аҳолиси дастлаб ҳилпираб турган ола–була байроқлар кўтариб олган ажойиб лашкарни кўриб, ҳайрон бўлдилар ва бу нотанишларни томоша қилиш учун ўз масканларидан югуриб чиқдилар. Лекин Иблиснинг айёр тулкиси: «Йўлбошчилар сўз бошлаганларида халқ бу дабдабани кўриб дарвозани очиб юбормасин», деб қўрқиб, шошилганича қалъадан чиқди. «Ҳамма шаҳар марказида йиғилсин», деб буюрди. Унинг буйруғи ижро этилгач, қуйидагича ёлғон сўзлар айтди: — Жаноблар! — деб сўз бошлади у. — Гарчи сизлар менинг жасур, севимли дўстларим бўлсаларингиз ҳам, бугунги ножўя қилиқларингиз учун койимасдан қўймайман. Нимага дарвоза олдида тўпланишиб олиб, бундай кучли лашкарга анграйиб қараб турибсизлар? Кечагина улар шаҳарни қамал қилгани девор ортига келдилар. Биласизларми, улар ким, қаердан келишган, уларнинг мақсади нима? Улар шаҳарни вайрон қилгани келишган, яқинда биз муҳокама Қилганнинг номидан келишган. Унга қарши мен сизларни бошингиздан тирноғингизгача қуроллантиришга ҳаракат қилдим, бундан ташқари, қанча истеҳкомлар қурдим. Шунинг учун аввало, сизлар ташвиш тортиб, якдил бўлиб, бизга мудофаа қилиш имкониятини беришларингиз керак эмасми? Эҳтимол, шунда душманни қувган бўлармидик. Ўшанда сизлар жасур жангчилар эканингизни кўрсатган бўлардингизлар. Энди эса мен сизлардан қўрқиб қолдим. Ҳа, улар биринчи ўқни отишлари биланоқ сизлар чўчиб, ўзларингизни ҳимоя қила олмайсизлар, деб қўрқиб қолдим. Шунинг учун соқчиларни икки баробар кўпайтириб, ҳамма дарвозаларни беркитишга буюрмаганмидим?! Шунинг учун сизларни шафқатсиз қилиб, сизларга темир руҳ, тош юрак бермаганмидим?! Ўзларингизни хотинлардай ёки ола–була байроқлар кўнглини чоғ қиладиган болалардай тутинглар, деб қилганмидим?! Йўқ, мудофаа ҳолатида туринглар, жар солинглар, ҳарбийларга ўхшаб йиғилинглар, токи душманларимиз, шаҳарни эгаллаш осон эмас экан, шаҳар аҳолиси қаҳрамон экан, деб ишонч ҳосил қилсин. Сизларни ортиқ койишни ёки сизларга таъна қилишни истамайман, лекин бирортангиз менинг рухсатимсиз бошингизни шаҳар деворидан ташқарига чиқаришга журъат этмаслигингизни талаб қиламан. Мана, сизлар менинг хоҳишимни ва буйруғимни эшитдингизлар. Ҳозироқ ижро этишга киришинглар, ҳар доим менинг ҳомийлигимга умид боғлашларингиз мумкин, чунки мен сизлар учун худди ўзим сингари, куйиб–ёнаман. Хайр, энди жой–жойларингизга боринглар! Шу лаҳзадан бошлаб, аҳолининг хатти–ҳаракатида бирданига ўзгариш пайдо бўлганига ажабланмаслик мумкин эмас эди. Улар шаҳар бўйлаб телбалардай югуришар, «Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар! Оламни ўзгартирмоқчи бўлганлар келишди!» деб бақиришарди. Ҳеч ким уларни тинчлантира олмасди. Ҳаммалари: «Бизнинг оламни, халқимизни ҳалок қилувчилар келишди!» деб бақир–чақир қилишарди. Бу овозлар Иблиснинг қулоғигача етиб борганда, у шундай деди: «Мана шунақасини яхши кўраман, энди сизлар менга чинакамига итоаткорлигингизни исбот қиляпсизлар. Ўзларингизни шундай тутинглар, улар шаҳарни эгаллаш учун бир ҳаракат қилиб кўришсин.» Уч кун осойишта ўтгач, йўлбошчи Воанаргес карнайчисига буюрди: «Овоза дарвозасига бор, Шоҳ Шадайнинг элчилари халқдан қабул қилишларини сўраяптилар, деб Унинг номидан айт.» Эшитганинипайқар деган карнайчи, худди Воанаргес буюрганидай, дарвоза олдига келиб карнай чалди[47]. Лекин на девор ёнида, на дарвоза олдида ҳеч ким кўриниш бермади. Чунки Иблис буни таъқиқлаган эди. Карнайчи бир оз кутгандан кейин, бошлиғи олдига қайтиб келиб, иш муваффақиятли амалга ошмаганини айтди. Воанаргес қаттиқ қайғуриб, карнайчига: «Чодирга қайтиб бор!» деб буйруқ берди. Бир оз вақт ўтгач, Воанаргес: «Овоза дарвозаси олдида яна карнай чалинсин!» деб буйруқ берди. Лекин яна олдинги ҳолат такрорланди. Йўлбошчилар маслаҳатга йиғилишди ва «Ноилож, шаҳарни Шоҳ Шадай ҳукмронлигини тан олишга мажбур қилиш керак», деб қарор қилдилар. Воанаргес карнайчисига: «Овоза дарвозасига яна бор, Шоҳ Шадай номи билан шаҳар аҳолисига, зудлик билан Шоҳнинг вакиллари ҳузурига қабулга келинглар, деб карнай чал», дея буйруқ берди. Карнайчи айтилганни ижро этди ва «Агар шаҳар аҳолиси итоат этмаса, йўлбошчилар лашкарлари билан келиб, шаҳарга зўрлик билан киради ва шаҳарни эгаллаб олади», деб қўшиб қўйди (Ишаё 58:1). Ниҳоят, Эркин Майл бек кўриниш берди ва карнайчидан: «Кимсан? Бу ерга нима учун келдинг? Нимага карнайингни чалиб, қулоқни қоматга келтиряпсан?» деб дағаллик билан сўради. Карнайчи гап нимада эканини унга тушунтирди: «Агар шаҳар ўз хоҳиши билан таслим бўлса, ўзига яхши бўлади, акс ҳолда оқибати ёмон бўлади.» Эркин Майл бек: «Бу тўғрида бегимизга ахборот бераман», деди. Лекин карнайчи шундай жавоб берди: «Бизнинг Иблисга топшириғимиз йўқ, фақат Руҳга бор, холос. Биз Руҳни ўша қаллобнинг асоратидан қутқариш учун келдик.» Шунда Эркин Майл бек: «Бу гапларингизни халққа етказаман», деди. Лекин карнайчи эътироз билдирди: «Билиб қўй, алдай кўрма, акс ҳолда қаттиқ жазо оласан. Чунки агар ихтиёрий таслим бўлмасангизлар, сизларни куч билан олишга қарор қилганмиз.» Вақт ўтиб борар, лекин Руҳдан ҳамон жавоб йўқ эди. Лекин Воанаргес чекинишни истамади, шунинг учун учинчи марта карнайчисига: «Бор, яна карнай чал, аҳоли қабулга келсин», деди. Карнайчи карнайини қаттиқроқ чалган эди, аҳоли Овоза дарвозасини яна ҳам маҳкамроқ беркитиб (Закариё 7:11), девор устига чиқдилар. Одамлар келишгач, Вонаргес шаҳар бошлиғини сўради[48]. Бизга маълумки, бу пайтда уларнинг беги Умидсиз бўлиб, Шаҳватпараст бекнинг ўрнига ўтирган эди. Умидсиз ҳозир бўлгач, Воанаргес нафрат билан ҳаммага эшиттириб хитоб қилади: «Йўқ, бу эмас, менга шаҳарнинг олдинги бошлиғи Идрок керак, унга топшириғим бор.» Шу пайт аҳоли билан бирга келган Иблис гапга аралашди: — Жаноб қўмондон! Сиз сурбет экансиз, карнайингизни чалиб, уч марта шаҳарни безовта қилдингиз. Бунга қандай ҳаққингиз бор? Хўш, сизга нима керак? Лекин Воанаргес Иблиснинг сўзларини эътиборсиз қолдириб, шаҳар аҳлига мурожаат этди: — Сизларга маълум бўлсин, Руҳнинг бахтиқаро, беқарор фуқаролари! Шафқатли, улуғ Шоҳ Шадай мени сизларнинг ҳузурингизга юборар экан, сизлар ўз ихтиёрингиз билан Унинг фуқаролигига қайтишингизга ишонтиришни топширди. У менга яна, улар бунга рози бўлмасалар, уларга дўстона, биродарларча муносабатда бўл, деб топшириқ берди. Лекин У бунга қўшимча қилиб, агарда рози бўлмасалар, уларни куч билан эгаллаб ол, деб буюрди. Сўнгра йўлбошчи Маслак[49] олдинга чиқди. Унинг либоси оқ рангда, тамғаси — очиқ ҳолатда турган қонун китоби эди. Маслак сўзини шундай бошлади: — Эшит, эй Руҳ! Сўзларимни яхшилаб тингла. Сен қачонлардир бенуқсонлигинг билан машҳур эдинг, энди эса ёлғонга учибсан (Рим.3:3, 1–23; 16: 17,18). Биродарим, йўлбошчи Воанаргес сенга айтган гапларни эшитдинг. Унинг гаплари сенга сабоқ бўлсин. Агар сен итоаткорлик билан тинчлик, афв шартларини қабул қилсанг, оқибати ўзинг учун ҳузур–ҳаловат бўлади. Чунки бу таклифлар сен қарши чиққан ва сени бурда–бурда қилиб ташлаш ихтиёрида бўлган Шахс томонидан юборилган. Ахир, Шоҳимиз Шадайнинг ғазабига ким бардош бера олади? Агарда сен, гуноҳ қилмадим, Унга қарши исён кўтармадим, деб айтадиган бўлсанг, Шоҳимизга хизмат қилишни тўхтатганингдан буён қилган қатор хатти–ҳаракатларинг ўзингга қарши гувоҳлик бермоқда. Золим ҳукмдорга итоат этганингни қандай тушуниш мумкин? Шоҳ Шадайнинг қонунларини унутиб, Иблиснинг қонунларига итоат этганинг нимадан далолат беради? Нимага сизлар қуролланиб, бизларга — қонуний Шоҳингизнинг садоқатли хизматкорларига дарвозани ёпиб қўйдингизлар? Ақлингизни йиғиб олинг, биродарларингизнинг шартларини қабул қилинг, афвини рад қилманг, душманингиздан халос бўлишга ҳаракат қилинг (Лука 12:58). Эй Руҳ! Шафқатдан ўзингни олиб қочма! Душманингнинг ёлғон сўзларига учиб, мудҳиш кулфатларга ўзингни гирфтор қилма. Балки у ёлғончи, улар фақат ўзларининг фойдасини кўзлаяптилар[50], деб сени ишонтириши мумкин. Лекин шуни билиб қўйки, биз Шоҳнинг амри бўйича иш тутяпмиз, сенга яхшиликни истаймиз. Сенга яна шуни айтиб қўяй, Руҳ. Наҳотки Шоҳ Шадайнинг буюк шафқати сени ҳайратда қолдирмаса?! Сен уни ҳақорат қилган бўлсанг–да, У Ўзини паст тутиб, сен билан музокара қиляпти, токи сен яна Унинг ҳукмронлигини, сенга бўлган чексиз севгисини тан олгин., У сенга муҳтожлик сезганидай, Сен ҳам Унга муҳтожлик сезяпсанми? Лекин У меҳрибон, Руҳ ҳалок бўлмасин, балки Менга юз буриб, яшасин, деб истайди (2 Кор. 5:18–21). Ундан кейин қизил либосдаги, ёниб турган аланга тамғали Ҳукм[51] пайдо бўлди. У гапини шундай бошлади: — Эй Руҳ шаҳри аҳолиси! Сизлар анчадан буён Шоҳ Шадайнинг хоҳиш–иродасига итоат этмай яшаяпсизлар. Биз ўзимизча келмадик, балки бизни Шоҳ Шадай юборди. Сизларни Унинг фуқаролигига қайтариш бизга буюрилган. Ёлғончи Иблис, Шоҳ сизларни итоат эттиришга қодир эмас, деб сизларни ишонтиришига йўл қўйманглар. Шоҳ Шадай тоғларни қўзғата олади, Иблис эса тутун чиқаради. Чунки Шадай ҳамма нарсани Яратувчидир. Энди У сизларга очаётган шафқат эшиги ҳар доим ҳам очилавермайди. Чунки аланга ёнадиган кун Унинг кўз олдида, У яқин келади, лекин мудрамайди (Мал. 4:1; 2 Петр. 2:3). Эй Руҳ! Барча ҳақоратларингдан кейин ҳам Шоҳ афвни таклиф қилаётгани сенга камлик қиляптими? Ана, У сенга кечиримнинг олтин ҳассасини чўзяпти, олдингда очиқ эшикни ушлаб турибди. Наҳотки у эшикни очишини истасанг?! Менинг гапларимни ўйлаб кўр: ахир, бу эшик сенга ҳеч қачон очилмайди. Ҳукм — Шоҳ Шадайнинг қўлида, Унга ишон. Сен Уни ғазаблантирдинг. Эҳтиёт бўл, тағин Унинг жазосига йўлиқиб қолмагин. Ҳеч қандай тўлов сени қутқара олмайди. Чунки У сенинг бойлигингни қадрлайдими? Йўқ, Унга олтин ҳам, сенинг куч–қудратинг ҳам керак эмас. У ҳукм курсисини тайёрлаб қўйган (Забур 9:8). У аравада қуюндай олов олиб келади, қаҳр билан ғазабини сочади, итоатсизни ёниб турган алангага улоқтиради (Ишаё 66:15). Шунинг учун, эй Руҳ, ҳукм қилинган ёвузлик қилишдан сақлан, токи ўзингни ўзинг Шоҳ Шадайнинг ғазабига дучор қилмагин. Ҳукм гапираётганда, Иблисни титроқ босганини шу ерда турганларнинг баъзилари пайқадилар. Йўлбошчи гапида давом этди: — Эй бахтиқаро Руҳ! Наҳотки энди ҳам Шоҳингнинг элчиларига дарвозангни очмасанг?! Ахир, улар сенинг янги ҳаётингдан хурсанд бўладилар-ку! Сенинг устингдан ҳукм ижро этиладиган куни юрагинг бардош бера оладими? Қўлларинг мустаҳкам бўладими? (Йизиқил 22:14). Айт–чи, Иблис ва унинг фаришталарига тайёрланган беҳисоб ғазабни, худди ширин шаробдай, сен ича оласанми? Вақтида эсингни йиғиб ол, кўзларингни оч! Ниҳоят, тўртинчи йўлбошчи — Қатл[52] сўз олди: — Эй Руҳ! Сен дастлаб донг таратган эдинг, энди эса мевасиз дарахт бўлиб қолдинг. Олдин Шоҳнинг шодлиги эдинг, энди Иблиснинг ўғрихонасисан. Гапларимни эшит, Шоҳ Шадайнинг Ўзи бизлар орқали айтаётган сўзларга қулоқ тут. Ана, ойболта дарахтнинг илдизида ётибди, чунки яхши мева бермайдиган ҳар қандай дарахт кесилиб, оловга ташланади (Матто 3:10). Эй Руҳ! Ҳанузгача сен мевасиз дарахтсан. Сен чакалак, тиканли ўтдан бошқа нарса етиштирмадинг. Ёмон ҳосилинг шундан далолат берадики, сен яхши дарахт эмассан: сенинг меваларинг эмандай аччиқ, меваларинг —сафро (Амрлар 32:32). Сен ўз Шоҳингга қарши чиқдинг, биз эса Унинг ҳокимияти ва куч–қудратимиз, биз сенинг томирингда ётган ойболтамиз. Қандай қарор қиласан? Кимга юз бурасан? Такрорлаб айтаман: сенга зарба берилмасдан олдин, айт–чи, тавба қиласанми? Ойболтамиз аввал сенинг илдизингда ётиши керак. Лекин ойболтамиз илдизингга тушишидан олдин, таҳдид кўринишида илдизингга тақалади. Ҳар икки ҳаракат ўртасида юз бурасанми ёки йўқми — мана шу охирги лаҳзалар сенга ўйлаб кўришинг учун инъом қилинган. Қайси бирини танлайсан? Ўз Шоҳингга қайтишни истайсанми ёки сенга охирги зарбани беришга мажбур бўлайми? Эй Руҳ! Агар зарба берсам, сен қулайсан. Чунки менга, ойболта қоқ илдизига урилсин, деб буйруқ берилган. Агар шоҳга итоат этмасанг, ҳеч нарса жазони ижро этишнинг олдини ололмайди. Эй Руҳ! Сен ҳамон Шоҳнинг шафқатидан таъсирланмас экансан, нимага ҳам эришардинг. Қирқилиб оловга ташланишдан бошқа нарса қолдими сенга? Эҳ, бечора Руҳ! Билиб қўй: Шоҳ-нинг шафқати ва сабр–тоқати узоқ чўзилмайди: бир–икки йил, холос. Агар уч йил исён қиладиган бўлсанг, ундан кейин нима бўлади? «…Келгуси йили кесиб ташланади.» (Лука 13:9). Ўйламагин тағин «Э, пўписа қилаверади–да, Шоҳимиз буни ижро эта олмайди», деб. Эй Руҳ! Ҳадемай, Шоҳнинг гаплари эътиборсиз қолмаслигига, итоатсизларга пўписа эмас, балки ёниб турган кўмир чўғи берилгандан кейин, Ўзинг ишонч ҳосил қиласан. Сен анча вақт бекордан–бекорга ерга оғирлик солдинг[53]. Бундан кейин ҳам давом эттираверасанми? Сенинг гуноҳларинг лашкаримизни деворинг ёнига олиб келиб қўйди. Биз ҳукмни ижро этишимиз керакми? Биродарларим айтганларни эшитдинг, барибир дарвозани очмаяпсан. Қарорингни айт, эй Руҳ! Гуноҳ билан қолаверасанми ёки тинчлик шартларини қабул қиласанми? Шаҳар аҳли доно йўлбошчиларнинг гапларини эшитишдан воз кечди, лекин уларнинг баъзи сўзлари дарвозани очиб юбориш қудратига эга бўлмаса ҳам, Овоза дарвозаси орқали сирғалиб кирди. Шу орада шаҳар аҳли, масалани муҳокама қилишимиз учун вақт беринглар, деб илтимос қилди. Йўлбошчилар шаҳар аҳлига айтдилар: «Агар сизлар Ҳалокатли Мужмални бизнинг қўлимизга беришга рози бўлсангизлар, сизларга ўйлаб кўришга вақт берамиз, акс ҳолда қарорингизни ҳозироқ айтинг. Чунки Ҳалокатли Мужмал шаҳар ҳавосидан нафас олиб турар экан, ҳар қандай яхши ният ёвузлик билан заҳарланади ва ёмонликдан бошқа нарсани кутиш мумкин эмас.» Шаҳар аҳли орасида турган Иблис нотиғидан ажралиб қолишни истамай, ўзи жавоб бермоқчи бўлди. Лекин ўйлаб, шаҳар бошлиғига — Умидсиз бекка: «Илтимос, бек, анови дайдиларнинг гапларига жавоб беринг, гапларингизни бутун шаҳар эшитсин», деб мурожаат қилди. Шаҳар бошлиғи гапини шундай бошлади:[54] — Жаноблар! Сизлар шаҳримиз ёнида жойлашиб олиб, шоҳимизни ва халқимизни кўп бесаранжом қиляпсизлар. Сизлар қаердан келдингизлар — билишни ҳам истамаймиз. Сизлар, Шоҳ Шадайнинг буйруғига кўра келганмиз, деб бизни ишонтирмоқчи бўляпсизлар. Лекин У бундай ҳуқуққа эгами — буниси бизга қоронғу. Сизлар шаҳар аҳлига: «Сайлаган шоҳингиздан воз кечиб, бизнинг шоҳимиз томонга ўтинглар», деб айёрона тилёғламалик билан айтяпсизлар, гўё Шоҳингиз бунинг учун Ўзига келган ҳақоратларни эсидан чиқарар эмиш. Бундан ташқари, агар шаҳрингиз бизларнинг ўгитларимизга рози бўлмаса, ундай қиламиз, бундай қиламиз, деб таҳдид қилдингизлар. Энди сизларга жавобим шу, муҳтарам йўлбошчилар: на улуғ шоҳимиз Иблис, на мен, на унинг хизматкори Умидсиз, на Руҳ шаҳрининг ҳалол аҳолиси сизларнинг гапларингиз ҳақиқат эканига ишонмаймиз. Сизларнинг одамларингиз билан ҳам, топшириқларингиз билан ҳам, сизларни юборган Шоҳингиз билан ҳам ишимиз йўқ. Биз Шоҳингизнинг ҳокимиятидан ҳам, Унинг улуғворлигидан ҳам, қасос олишидан ҳам қўрқмаймиз, сизларнинг таклифларингизга ҳам рози бўлмаймиз. Сизлар бизни уруш билан қўрқитяпсизлар, биз эса кучимиз борича, ўзимизни ҳимоя қиламиз. Кучимиз етарли. Сизлар билан ортиқ гаплашишни истамайман, фақат бир нарсани айтмоқчиман: биз сизларни Шоҳини ташлаб келган энг тубан дайдилар деб ҳисоблаймиз, Олам бўйлаб кезиб, сизларнинг пўписаларингиздан қўрқадиган шаҳар ёки мамлакатни қидириб юрибсизлар, гўё улар сизларнинг ёлғон ваъдаларингизга учиб, сизларга итоат этадигандай. Лекин билиб қўйинглар, бизнинг шаҳар унақа эмас. Хуллас, биз сизлардан қўрқмаймиз, сизларга ишонмаймиз, итоат этмаймиз. Дарвозаларимизни сизларга очмаймиз, бу жойни сизларга бўшатиб бермаймиз. Ҳатто деворимиз ёнида узоқ вақт қолишларингизга йўл қўймаймиз, бизнинг халқимиз тинчликни ёқтиради, сизларнинг бу ерда бўлишингиз ҳаммани ғазаблантиряпти. Қани, тўрва–халталарингизни йиғиштириб, бу ердан жўнаб қолинглар–чи. Тағин сизларни биз девордан туриб отиб қолмайлик. Шу пайт Эркин Майл бек Умидсизнинг гапларини такрорлади: — Жаноблар! Биз сизларнинг таклифларингизни, дўқ–пўписаларингизни эшитдик. Лекин биз қўрқмаймиз, олдинги ҳолатимизда қоламиз. Шунинг учун уч кун ичида бизнинг музофотдан йўқолиб кетишларингизни буюрамиз. Бўлмаса, баҳайбат шер —шоҳимиз Иблис шаҳардаги ўз қалъасида дам олаётганда, безовта қилиш нималигини биласизлар. Солномачи Эзгуликни унутган[55] ҳам қўшимча қилди: — Жаноблар! Бошлиқларимиз сизларнинг қўпол сўзларингизга қанчалик қисқа жавоб берганларини эшитдингизлар. Улар ҳатто бизнинг ўлкани яхшиликча тарк этишларингизни таклиф қилдилар. Бу ердан эсон–омон жўнаб қолинглар. Биз аллақачон сизларга қуролимизнинг кучини кўрсатиб қўйишимиз мумкин эди, лекин биз тинчликсевар халқмиз, ўзимизни безовта қилишни ҳам ёқтирмаймиз. Бутун шаҳар бошлиқларининг жавобларини эшитганларидан кейин, хурсандчиликдан шовқин–сурон кўтардилар. Одамлар қўнғироқ чалиб, баланд овоз билан қўшиқ айтиб, рақсга туша бошладилар. Иблис қалъага, жамики аёънлар уйларига қайтдилар. Эркин Майл бек дарвозаларга, айниқса, Овоза дарвозасига кучли қўриқчиларни қўйиш билан банд бўлди. У Овоза дарвозасига иккита қулф солди ва Нотўғри тушунчани[56] қоровул қилиб қўйди. У вайсақи, доимо нимадандир норози, ҳар доим эзгу фикрни ҳеч қандай мулоҳаза қилмасдан йўққа чиқарадиган бир қария эди. Унинг ихтиёрига бир неча гунг одамлар берилди. V Боб Йўлбошчилар жанг қилиш учун қарор қабул қиладилар. — Шаҳар қаттиқ қаршилик кўрсатади, йўлбошчилар қишки манзилларига чекинадилар. — Анъана, Инсоний Донишманд ва Инсон Ижодкори Воанаргес қўшинига қабул қилинадилар, лекин асир олиниб, Иблис ҳузурига келтириладилар. — Улар лашкарбоши Бепарво қўмондонлиги остида Иблиснинг қўшинига кирадилар. — Ҳарбий ҳаракат қайта бошланади, шаҳар қамал қилинади. — Руҳ безовталаниб, хавотирланади. — Шаҳар музокара бошлайди. — Таклифлар берилади, лекин рад қилинади. — Идрок ва Виждон Умидсиз билан жанжаллашиб қолади. — Отишма бошланади, ҳар иккала томондан қурбонлар бўлади. Шоҳнинг йўлбошчилари шаҳарнинг катталари жавобларини эшитишгач, шаҳар аҳолисидан ҳеч ким бизнинг таклифимизни эшитмабди, деган хулосага келишди. Шундан кейин йўлбошчилар лашкарларига: «Жангга тайёрланинглар!» деб буйруқ берди. Асосий кучлар Овоза дарвозасига қаратилган эди. Чунки уларнинг сўзлари шаҳар марказига фақат шу дарвоза орқали кириши мумкин эди. Лашкарнинг қолган қисмини турли жойларга ўрнаштиришди ва лашкарга: «Сизлар юқоридан туғилган бўлишингиз керак»[57] деган парол беришди. Шундан кейин карнайчилар карнайларини чалдилар, шаҳарнинг карнайчилари ҳам карнайларини чалдилар. Ўртада жанг бошланди. Шаҳар аҳли Овоза дарвозаси минорасига каттакон иккита замбарак қўйдилар. Битта замбаракка Ақлий Такаббурлик, иккинчисига Сержаҳл деб ном бердилар. Аҳоли бу замбаракларга катта умид боғлаган эдилар. Замбараклар Иблиснинг қалъасига қўйилган эди. Иблиснинг Манман деган муҳандиси бу замбаракларни ясаган эди. Замбараклар ҳақиқатан ҳам даҳшатли эди. Йўлбошчилар ўзларини шунчалик эҳтиёт қилардиларки, ҳуштак чалиб келаётган бомбалар биронтасига тегмасдан, қулоқлари остидан ўтиб кетаверарди. Халқ бу замбараклар билан Шоҳнинг лашкарбошиларини қўрқитишга ва уларни Овоза дарвозаси олдидан қувиб юборишга умид боғлаган эдилар. Лекин бу замбараклар фойдасиз эканини биз бир оздан кейин кўрамиз. Шоҳ Шадайнинг лашкарига қаршилик кўрсатиш учун Руҳда ҳам озроқ қурол–аслаҳа бор эди. Шоҳ йўлбошчиларининг қўшини мардларча жанг қилдилар. Уларнинг асосий кучлари Овоза дарвозасига ташланган эди. Чунки улар: «Аҳолини куч билан тарқатиб юбормасак, шаҳарга ёриб кириш учун бошқа ҳар қандай ҳаракат бефойда», деб ишонч ҳосил қилган эдилар. Улар ўзлари билан бир қанча палахмон ва девортешар қуроллар олиб келган эдилар. Палахмонлар билан уйларни буздилар, девортешар қуроллар билан Овоза дарвозасини синдиришга ҳаракат қилдилар. Иккала томон ҳам қаттиқ жанг қилди. Лекин шаҳар таслим бўлмади. Иблиснинг қучли ғазаби, Эркин Майл бекнинг дадиллиги, Умидсизнинг ва Эзгуликни унутганнинг ҳаракатлари туфайли Шоҳ Шадайнинг йўлбошчилари ёз бўйи қилган ҳаракатлари беҳуда кетди, ғалаба Иблис томонда бўлди. Шундан кейин Шоҳнинг йўлбошчилари буни вақтида пайқаб, қишки манзилларига чекиндилар. Жанг пайтида ҳар иккала томондан ҳам анчагина йўқотишлар бўлди. Диққатга сазовор бир воқеа юз берди. Бу воқеанинг қандай юз бергани эътиборга моликдир. Шоҳнинг йўлбошчилари шаҳар деворига яқинлашганларида майдонда учта ёш йигитни учратиб қолдилар[58]. Улар, бизни ҳам лашкарингиз сафига қабул қилинглар, деган илтимос билан келишаётган экан. Уларнинг исми Анъана, Инсоний Донишманд ва Инсон Ижодкори эди. Улар қўмондонлар олдига келиб, ўзларининг хизматларини таклиф қилдилар. Улар кўринишидан жасур, моҳир жангчиларга ўхшардилар, лекин уларнинг илтимосига Шоҳ йўлбошчилари жавоб бериб, ўзларининг режаларини баён қилдилар, «Ўйламасдан иш қилмаслик керак», деб маслаҳат бердилар. Йигитлар эса: «Қароримиз қатъий, шунинг учун лашкарингиз сафига қабул қилишларингизни ўтиниб илтимос қиламиз», деб жавоб бердилар. Воанаргес розилик билдириб, уларни лашкари сафига ёзиб қўйди. Жанг бошланганда, Эркин Майл бекнинг қўшини Воанаргеснинг одамларига ҳамла қилди. Воанаргеснинг лашкари сафида ўша учала йигит ҳам бор эди. Эркин Майл бек учала йигитни асирга олиб, ўлжа қилиб шаҳарга олиб келди. Бу тўғридаги хабар ўша зоҳоти бутун шаҳар бўйлаб тарқалиб, Иблиснинг қулоғигача етиб келди. Қаллоб уларни олдириб келиб, сўроқ қила бошлади: «Кимсизлар? Қаердансизлар? Шадайнинг қўшинида нима қилиб юрибсизлар?» Учаласи керакли жавобларни Иблисга айтишди. Сўнг Иблис соқчиларга: «Қайтариб олиб боринглар!» деб буйруқ берди. Лекин орадан бир оз вақт ўтгач, Иблис: «Учаласини олиб келинглар!» деб буйруқ берди. Уларни олиб келишгач:» Менга хизматга кирмайсизларми? Олдинги Шоҳингиз Шадайга қарши курашардик», деб сўради. Улар Иблисга шундай жавоб бердилар: «Биз имон ва ишонч бўйича эмас, балки вазиятга мослашиб яшаяпмиз, агар сиз бизни хизматингизга олишни истар экансиз, биз бажонидил хизматингизга кирамиз.» Шаҳарда аллқандай Бепарво[59] деган қўмондон яшарди. Иблис унга доим марҳамат қиларди. Иблис унга қуйидагича мактуб ёзиб, учала йигитни жўнатди: «Азизим Бепарво! Бу мактубни олиб борувчилар бизнинг қўшинимизга киришни хоҳлайдилар. Мен сени улар учун энг яхши қўмондон деб ҳисоблайман. Уларни қабул қил, Шадай лашкарига қарши курашда улардан билганингча фойдалан. Хайр.» Бепарво уларни қабул қилиб, жойлаштирди. Инсон Ижодкорини ўзининг одами қилиб тайинлади. Энди жанг майдонига қайтамиз. Шоҳ Шадайнинг лашкари ҳам маълум муваффақиятларга эришди. Улар шаҳар тепасидаги миноранинг юқори қисмини вайрон қилди. Бу жойни Идрок мустаҳкам қилиб беркитган эди. Шундай қилиб, бу бинода зулмат камайиб, кўпроқ ёруғлик тушадиган бўлди. Палахмондан отилган тош билан Эркин Майл бекни ўлдиришларига оз қолди. Лекин Эркин майл бек эпчиллик билан чап бериб ўзини қутқариб қолди. Барибир, кўпчилик оқсоқоллар, жумладан, олтитаси — Худосиз, Фаҳш, Fазаб, Ёлғончи, Ичкиликбоз ва Фирибгар ўлдирилди. Шоҳнинг лашкари девор устидаги иккала замбаракни улоқтирдилар. Лекин қиш яқинлашаётгани учун, совуқ пайтида шаҳар яқинидаги қишки масканларда ўрнашишга қарор қилдилар. Душман қаттиқ норозилик билдирса ҳам, лекин Шоҳнинг шуҳрати учун, улар ўрнашган жойларидан бахтиқаро Руҳга насиҳатомуз хабарлар жўнатишлари мумкин эди. Бу насиҳатлар шунчалик аниқ нишонга тегар эдики, шаҳар аҳли тинч ҳаётни деярли билмас эди. Илгаригидай фаҳш ишларга қаршиликсиз берилиш имкони йўқ эди, чунки аҳоли айш–ишрат ва кайф–сафони мўлжаллашлари биланоқ, бирдан гоҳ у дарвозадан, гоҳ бу дарвозадан, баъзан ҳамма дарвозадан бирданига хавотирли овозлар эшитилар, ҳамма ҳаяжонланиб, даҳшатга тушар ва бирон ёмон иш қилишдан қўрқардилар. Бу хавф–хатар кўпинча тунда — узоқ қиш кечаларида такрорланарди. Гоҳ карнай чалиб қолишар, гоҳ аҳоли устига палахмондан тош улоқтиришар, гоҳ Шоҳ Шадайнинг ўн минг аскари жангга даъват қилиб, шовқин–сурон кўтариб, шаҳар девори атрофида югуришарди. Баъзидан шаҳар аҳлидан кимдир ярадор бўлиб, ярадорларнинг оҳ–воҳлари осойишда ярим тунда бутун шаҳар бўйлаб тарқаларди. Бир сўз билан айтганда, қамал қилувчилар аҳолини шунчалик безор қилдиларки, эҳтимол, уларнинг шоҳи Иблис уйқусини тамоман йўқотган бўлса керак. Менга ҳикоя қилишларича, бу пайтда аҳолининг калласига янги–янги фикрлар келиб қолар, лекин бир–бирига зид фикрлар эди. Баъзилари: «Бундай яшаб бўлмайди», деб айтса, иккинчиси: «Тез орада ҳаммаси тўхтайди», деб айтар, учинчиси эса: «Шоҳ Шадайга юз бурайлик, бу кўнгилсизликлар барҳам топади–қўяди», деб айтарди. Тўртинчиси эса: «Энди У бизни қабул қилишига шубҳам бор», деб эътироз билдирарди. Кекса солномачи Виждон яна қайтадан баланд овоз билан насиҳат қила бошлади. Унинг сўзлари момақалдироқнинг кучли гулдирашига ўхшаб жарангларди. Бу момақалдироқ овози Шадай лашкарининг шовқин–сурони билан бирга бутун шаҳарни ларзага соларди. Руҳ кўп нарсада етишмовчиликларни ҳис қиладиган бўлди. Унда илгариги ўйин–кулгига бўлган интилиш тамомила йўқолди, унинг энг яхши ҳузур–ҳаловати жозибасини йўқотди, оловда ёниб кетди. Шаҳар аҳлининг юзларида ҳаяжон, хавотирлик аломатлари кўринарди. Гарчи Руҳ ўзини энг паст табақага мансуб деб ҳисоблашига тўғри келган бўлса ҳам[60], Руҳ тинчлик, фаровонликни орзу қиларди. Қишнинг ўртасида Шоҳ Шадай йўлбошчилари Воанаргеснинг карнайчиси орқали Руҳга, Шоҳимизга итоат этгин, деб насиҳат қилиб уч марта даъват қилдилар. Йўлбошчилар, Руҳ рози бўлса керак, деб умид қилган эдилар. Афсус, менга маълум қилишларича, Руҳнинг ўзига қолса–ку, ўжар қария Умидсиз билан беқарор Эркин Майл бек қаршилик қилмаганда, аллақачон итоат этган бўларди. Иблис ғазабдан ўкирарди, чунки аҳолининг ҳаммаси ҳам у билан бир фикрда эмасди… Шу тариқа шаҳарда ҳамон ваҳима ҳукмрон эди. Карнайчи биринчи марта пайдо бўлганда: «Шадайнинг лашкари шаҳар аҳлига ачиняпти, аҳоли итоат этмагудай бўлса, улар муқаррар ҳалок бўлишидан мотам тутмоқда», деб айтди. «Агар, — деб қўшимча қилди карнайчи, — шаҳар аҳли тавба қилиб, ҳозироқ меҳрибон Шадайга юз бурса, У аҳолининг қилган ёвузликларини кечиради. Шунинг учун Шоҳнинг йўлбошчилари Руҳдан, бизга қаршилик кўрсатаверма, ўзинг-га абадий гуноҳни тайёрламагин, деб қаттиқ илтимос қилмоқдалар.» Шундан кейин карнайчи кетди. Карнайчи иккинчи марта келиб, кескинроқ маслаҳат берди: «Шоҳнинг элчиларига дарвозани очишдан қайсарлик билан бош тортишларингиз бизни шаҳарга қарши қўзғатади, биз ё шаҳарни итоат эттирамиз, ёки деворлар ёнида ҳалок бўласизлар.» Учинчи марта у яна ҳам кескинроқ гапирди: «Сизлар сурбетларча фаолият кўрсатаётганингиз учун, шаҳарнинг кечирилишига шубҳа билан қарайман. Лекин мен сизлардан зудлик билан дарвозани очишларингизни талаб қилиш учун юборилганман.» Шундан кейин карнайчи қароргоҳга қайтиб кетди. Уч марта даъват шаҳарни шунчалик ваҳимага солдики, аҳоли маслаҳатга йиғилишга қарор қилди. Эркин Майл бек Овоза Дарвозасига бориб, карнай чалиб, йўлбошчилардан қабул қилишларини сўраши керак эди. Шундай бўлди ҳам. Шоҳ йўлбошчиларининг ҳар бири ўн мингтадан аскарини эргаштириб, девор ёнига келдилар. Бек йўлбошчиларга шундай деди: «Шаҳар аҳли сизларнинг даъватингизни эшитди: шунинг учун сизлар билан шартнома тузиш истагини билдирмоқдалар ва сизларнинг муҳокамангизга қуйидаги шартларни таклиф қилмоқдалар: 1. Солномачи Эзгуликни унутган, шаҳар бошлиғи Умидсиз ва Эркин Майл бек ўз лавозимларида қолсин. 2. Буюк шоҳ Иблиснинг амалдорларидан бирортаси ўз лавозимидан олинмасин. 3. Шаҳар аҳли Иблис ҳукмронлиги даврида роҳатланган имтиёз ва ҳуқуқларни сақлаб қолишларига ижозат берилсин, чунки бу имтиёз ва ҳуқуқлар анчадан буён ҳукмрон бўлиб келмоқда. 4. Ҳеч қандай қонун ёки қонун назоратчиси, аҳолининг розилигисиз, уларнинг устидан ҳукмронлик қилмасин. Бизнинг шартларимиз ана шулардан иборат, агар бу шартларимизни қабул қилсангизлар, биз Шоҳ Шадайга итоат этамиз.» Йўлбошчилар сурбетларча талабни эшитганларида, улар Воанаргесни элчи қилиб сайладилар. У Руҳга шундай мурожаат қилди: — Эй Руҳ шаҳрининг бахтиқаро аҳолиси! Сизларнинг карнайларингиз овозини эшитганимда, жуда хурсанд бўлган эдим. Лекин сизларнинг телбаларча шартларингизни ва муғомбирона таклифларингизни эшитганимда, хурсандчилигим ғамга айланди. Сизларнинг юз буришингизга умид қилиш ўрнига ҳалок бўлишингиздан қўрқиб азоб чекяпман. Менимча, Руҳнинг азалий душмани қария Ҳалокатли Мужмал ўйлаган бу шартларни! Бу шартларингиз Шоҳ Шадайнинг содиқ қуллари қулоқларига етиб бориши жоиз эмас. Ҳаммамиз бир овоздан бу талабларингизни нафрат билан рад қиламиз (2 Тим. 2:19). Эй Руҳ! Агар сен ўзингни бизнинг қўлимизга, аниқроғи, Шоҳимизнинг ҳукмронлигига топширсанг, У сизларга шундай имтиёз ва ҳуқуқлар берадики, сизлар хурсанд бўлиб қолишларингизга имонимиз комил. Шоҳимиз сизларга тинчлик беради. Агар рози бўлмасаларингиз, ҳолатингиз ўзгаргани йўқ. Нима қилишни ўзимиз биламиз. Шунда Умидсиз хитоб қилди: — Биз сингари, ҳали душмани мағлуб қилмаган қайси аҳмоқ қиличини номаълум душманига беришга рози бўлади?! Мен бунга рози эмасман. Биз Шоҳингизнинг феъл–атворини билармидик?! Баъзилар айтадики, фуқаролари Шоҳингизнинг амридан қилча четга чиқса бўлди, У ўз фуқароларига ғазабини сочар экан. Бошқалар айтадики, Шоҳингиз фуқароларидан Ўзи берганидган ортиқ талаб қилар эмиш. Шунинг учун, эй Руҳ, эҳтиёт бўл, борингдан ҳам айрилиб қолма. Агар бошқа бировга бир марта ён бериб, таслим бўлсанг, ҳеч қачон ўзингга озодликни қайтариб оллмайсан. Ўзингни аллақандай номаълум шахснинг ихтиёрига топширсанг, ақлсизлик қилган бўласан. «Шоҳ мени ўлдиришга амр бермайди, ҳаммани бирма–бир қатл қилдирмайди, бу шаҳарга янги одамларни ўрнаштирмайди», деб қайси бирингиз кафолат берасиз?! Умидсизнинг бу гаплари ҳамма иккиланишларга чек қўйди. Йўлбошчилар қишки масканларига қайтдилар, Умидсиз эса ўз ҳукмдори олдига — қалъага кетди. Умидсиз Иблисга юз берган воқеаларни сўзма–сўз айтиб берди. Шунда Иблис садоқатли хизматкорини қучиб, деди: «Ваъда бераман, агар биз бу мушкул аҳволдан эсон–омон чиқиб олсак, сени яна ҳам баландроқ мартабага кўтараман. Сени ўзимнинг вакилим қилиб тайинлайман. Сен ҳам, менга ўхшаб, Оламнинг қабилаларини қўл остингда ушлаб турасан. Менинг биронта фуқаром ўзбошимчалик билан, сенинг хоҳишингсиз ҳаракат қила олмайдиган бўлади.» Шаҳар бошлиғи Иблис ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқди ва ўзига ваъда қилинган ҳузур–ҳаловатни ижро этиш умиди билан васвасага тушиб, ўз масканига йўл олди. Гарчи шаҳар бошлиғи Умидсиз Иблис билан қалин дўст бўлса ҳам, фуқаролар номидан Шоҳ Шадайнинг йўлбошчиларига, сизларга итоат этишдан бош тортамиз, деб берган жавоби шаҳарда ғалаён келтириб чиқарди[61]. Умидсиз қаллоб Иблис билан суҳбат қилаётганда, шаҳарнинг олдинги ҳокими Идрок ва собиқ солномачи Виждон юз берган воқеани тасодифан билиб қолиб, шаҳар аҳолисини: «Шоҳ элчиларининг таклифини қабул қилинглар», деб кўндиришга ҳаракат қилдилар. Уларга: «Рад жавобингиз ва Умидсиз келтирадиган зарар ёмон оқибатларга олиб келади», деб тушунтирдилар. У Шоҳ Шадайнинг сўзларига менсимасдан қаради, Шоҳнинг шафқатли шартларига эътибор бермади, «Шоҳ сизларга қачон афв кўрсатган эди, аксинча, шаҳарни вайрон қилмоқчи бўлиб хавф соляпти», деб сизларни ишонтирди.» Ниҳоят, халқ: «Умидсиз бизга жуда ҳам ёмонлик келтирган экан», деб ишонч ҳосил қилиб, шаҳар бўйлаб ҳар томонга югуравердилар. Олдинига паст овозда, кейин янада қаттиқроқ, охирида ҳаммага эшиттириб бақирдилар: «Эй, Шадайнинг донгдор йўлбошчилари! Қанийди биз сизларнинг раҳнамолигингиз остида, Шоҳ Шадайнинг ҳукмронлиги остида бўлсак эди!» Бу хабар Умидсизга етиб боргач, у ваҳимали қиёфаси билан исённи бостириш умидида ҳозир бўлди. Лекин аҳоли Умидсизни кўриши биланоқ, унга ташландилар. Агар Умидсиз дарров яшириниб, уйига беркиниб олмаганда эди, аҳволи ёмон бўлиши аниқ эди. Халқ, уни яксон қилиб ташлаймиз, деб Умидсизнинг уйини ўраб олди. Бироқ уй шунчалик мустаҳкам эдики, одамларнинг ҳамма ҳаракатлари беҳуда кетди. Умидсиз нафасини ростлаб олиб, очиқ деразадан кўриниб, исён кўтарган оломонга деди: — Жаноблар, бу тўполон нимага? Нима бўлди? — Сен ва сенинг ҳукмдоринг нотўғри ҳаракат қилдилар, — деб жавоб берди унга бек Идрок. — Шоҳ Шадайнинг йўлбошчилари билан рисоладагидай муомала қилмадиларинг. Сизлар уч карра гуноҳкор бўлдингизлар. Биринчидан, сизлар менга ҳам, Виждонга ҳам маслаҳатда қатнашишга ижозат бермадингизлар. Иккинчидан, сен элчиларга шундай шартларни тўқиб, баён қилдингки, улар бу шартларни қабул қилиш имкониятига эга эмас эдилар. Наҳотки Шадай номигагина Шоҳ деб эътироф этилсаю шаҳар ўз хоҳиши билан, фаҳш билан яшайверса?! Бундай ҳолда шаҳарнинг ҳақиқий шоҳи, шубҳасиз, Иблис бўлади. Учинчидан, Шоҳнинг йўлбошчилари бизга ўз шартларини таклиф қилиб, афв этилишимизга имкон яратиб берганларида, сен шаккоклик билан, қўпол сўзларинг билан ҳамма ишни буздинг, уларни биздан узоқлаштирдинг. Умидсиз бу сўзларни эшитиши биланоқ: «Сотқинлик! Сотқинлик! Қуролланинглар! Қуролланинглар!« деб бақирди. — Сен менинг гапларимга ўзинг истаганингдай бошқача маъно беришинг мумкин, — деди унга Идрок. — Лекин шуни айтиб қўяйки, Шадай сингари буюк Шоҳнинг элчилари шаҳар аҳлидан яхши қабул қилинишларини талаб қилишга тамомила ҳақлидирлар. — Гапимга қулоқ солинг, жаноби олийлари, — деб эътироз билдирди Умидсиз, — менинг жавобим шоҳимга ва унинг ҳукуматига ёқиш, халқни тинчлантириш учун эди. Сизлар эса ноқонуний хатти–ҳаракатларингиз билан исён кўтардингизлар. Шу пайт солномачи Виждон суҳбатга аралашиб, Умидсизга мурожаат этди: — Муҳтарам ҳокимимиз Идрок сизларга айтган гапларнинг ҳаммаси чин ҳақиқат. Сизлар Руҳнинг душманисизлар. Ўзларингиз ҳам биласизлар: сизлар бемаъни гапларингиз билан шаҳарга катта зарар келтирдингизлар, Шоҳимиз Шадайнинг хабарчиларини хафа қилдингизлар, бу эса биз учун кўп ёмон оқибатларга олиб келади. Агар сизлар шартларни қабул қилганларингизда эди, хавф–хатардан дарак берадиган карнай овозлари тўхтаган бўлар эди. Энди эса сизларнинг марҳаматингиз туфайли бизга кулфат хавф солиб турибди. — Қасам ичаман! — деб бақирди Умидсиз. — Ҳозироқ Иблиснинг ҳузурига бориб, сизларнинг гапларингизни етказаман. Энди сизлардан маслаҳат сўрамасдан, шаҳарнинг роҳат–фароғати ташвишини қиламиз. — Иблис ҳам, ўзинг ҳам Руҳ учун бегонасизлар, унинг туб аҳолиси эмассизлар, — деб гапида давом этди Идрок. — Ким билади, биз сизларнинг қилмишларингиз учун ҳозиргидан ҳам баттар ёмон аҳволга тушиб қолганимизда, икковингиз ҳам ўз жонларингизни қутқариб қолиш учун бизни ташлаб кетасизлар. Биз эса машаққатлардан ўзимиз чиқишимиз керак бўлади, ёки бизни ёқиб, ўзларингиз тутун орасида бизнинг алангамиз ёруғида ғойиб бўласизлар. Бизни ҳалокатга маҳкум қиласизлар! — Жаноблар! — деди Умидсиз. — Сизлар шоҳ Иблиснинг фуқаролари эканингизни унутиб қўйяпсизлар. Сизлар ўзларингизни итоаткорона тутишларингиз керак. Ишонаверинг, шоҳ Иблис бу фикрларингизни билгандан кейин, сизларнинг бошингизни силамайди. Даҳанаки жанг бўлиб турганда, девор ортидан Эркин Майл бек, Нотўғри Тушунча, Ҳалокатли Мужмал ва бошқа янги амалдорлар югуриб келиб қолишди. Улардан: «Нима гап? Нимага жанжаллашяпсизлар?» деб сўрашди. Ҳамма ўзича фикр билдира бошлади, шунинг учун бирон нарсани тушуниб бўлмасди. Чунки ҳаммага: «Жим бўлинглар!» деб буйруқ берилди. Қари тулки Умидсиз гап бошлади: — Жаноблар! Муҳтарам беклар! Мана бу иккала қўрс одам балки аллақандай Норози деганнинг гапига кириб, бунинг устига, ўзларининг ярамас феъл–атвори билан мана бу оломонни менга қарши қўзғади, бизнинг шоҳимизга қарши исён қилишга даъват этди. Шу ерда ҳозир бўлган Иблис тарафдорлари ўринларидан туриб, унинг гапини тасдиқладилар. Идрок ва Виждоннинг тарафдорлари иш ёмон бўлишини сезиб, ёрдам бериш учун уларга томон югурдилар. Иблис тарафдорлари эса Умидсиз билан Эркин Майл томонда қолдилар. Умидсиз ва Эркин Майлнинг тарафдорлари: «Идрок билан Виждонни турмага ташлаймиз!» деб талаб қилдилар. Нариги томон эса: «Бунга йўл қўймаймиз, биз Шадайни ўзимизнинг Шоҳимиз деб тан оламиз, Унинг қонунларига итоат этамиз!» деб бақирдилар. Иблис тарафдорлари эса: «Иблис ҳамма шоҳларнинг шоҳидир!« деб эътироз билдирдилар. Бу тўполон, дод–вой, шовқин маълум вақт давом этди ва уруш, муштлашиш билан тугади. Қария Виждон икки марта Гунг деган Иблиснинг ҳамтовоғи зарбидан қулашига сал қолди. Идрок эса тўпдан отилган ўқдан ҳалок бўлай деди, унинг бахтига, тўпчи мўлжални аниқ олмаган экан. Иблис тарафдорлари орасидан ҳам кўпчилик қаттиқ шикастланди. Эркин Майл бекнинг котиби Мулоҳаза бир ўқ отишда Идроксизнинг мияси қатиғини чиқариб қўйди. Қария Нотўғри Тушунчани балчиққа йиқитиб, ўлгунча тепкиладилар. Иблиснинг эркатойи Бепарво бирдан муштлашишнинг жонли ва топқир иштирокчисига айланиб қолди. Лекин иккала томон ҳам унга қарши эди, чунки у ҳеч қайси томонга ишонмас эди. Кимдир унинг оёғини уриб синдирди–ю Бўйнини синдирганимда яхши бўларди», деб афсусланди. Ҳар иккала томон ҳам кўп зарар кўрди. Лекин шуниси қизиқ бўлдики, Эркин Майл бек ҳамма нарсага совуққонлик билан қараб томоша қилиб тураверди, на у томонга, на бу томонга ўтмади. Эркин Майл бек балчиққа ботган Нотўғри Тушунчани кўрганда, кулиб қўйди, чўлоқ Бепарво бир оёғи билан ҳаккалаб яқин келганда, унга асло эътибор бермади. VI Боб Идрок бек билан Виждон жаноблари тартибсизликларнинг сабабчилари сифатида турмага ташланадилар. — Шоҳнинг йўлбошчилари Руҳга мурожаатнома йўллайдилар. — Қамалдаги шаҳарнинг йўлбошчилари маслаҳатлашиб, Шадайга, ёрдам юборинг, деб илтимоснома жўнатишга қарор қиладилар. — Саройда уларнинг илтимос қондирилади. — Шоҳнинг Ўғли Эммануил Шадай қўшинининг лашкарбошиси этиб тайинланади. — Катта лашкар юриш қилиб, Руҳни қамал қилади. — Иблиснинг Эммануил билан музокараси. Исён босилгандан кейин[62], Иблис ўша зоҳоти: «Идрок билан Виждон тартибсизликларнинг асосий бошловчилари сифатида турмага ташлансин», деб буйруқ берди. Шаҳар яна осойишта бўлиб қолди, лекин асирларга шафқатсизларча муносабатда бўлдилар. Иблис ҳатто: «Уларни тамомила йўқ қилиш керак», деб ўйларди[63]. Энди Шоҳнинг йўлбошчиларига қайтамиз. Улар ўз чодирларига қайтиб келганларидан кейин, ҳарбий кенгашга йиғилдилар. Баъзилар: «Ҳозироқ бориб, шаҳарга ҳужум қилайлик», дедилар. Лекин кўпчилиги қуйидагича фикр билдирдилар: «Яхшиси, яна карнайчи мурожаат қилсин, чунки шаҳар аҳли олдингига қараганда, бизнинг таклифимизга мойиллик билдиряпти. Бунинг устига, шаҳар аҳлининг баъзилари таслим бўлишга розидирлар. Агар биз қўполлик қилиб, уларни ўзимиздан нари итарсак, бошқалардаги итоат этиш истагини тортиб олган бўламиз».[64] Ҳамма бу фикрга қўшилди. Карнайчи Овоза дарвозасига юборилди. Аҳолининг бир қисми карнайчини эшитишга йиғилди. У гапини шундай бошлади: — Эй бағритош, бечора Руҳ! Мана шу тушуниб бўлмайдиган гуноҳ билан узоқ қоласанми? Сизлар–чи, эй телбалар, қилган ишларингиздан хурсанд бўляпсизларми? Қачонгача Шоҳ Шадайнинг тинчлик тўғрисидаги таклифларини рад қилиб, Иблиснинг ёлғон ваъдаларига учасизлар? «Шадай бизни итоат эттирганда, ҳозирги хатти–ҳаракатимизни оқлайди», деб ўйляпсизларми? Ёки дағал гапларингиз билан Уни қўрқитмоқчисизларми? Наҳотки олдингизда қўрқув турганда, У, Менга юз буринглар, деб насиҳат қилса?! Сизлар, биз Ундан кучлироқмиз, деб ўйлайсизларми? Осмонга бир қаранглар, юлдузлар сизлардан нақадар узоқда. Сизлар қуёшни юраётган йўлида тўхтатиб қўя оласизларми? Кечаси ойнинг нур сочишига ҳалақит бера оласизларми? Юлдузларни санай оласизларми? Ерга ёмғир ёғишини тўхтата оласизларми? Океандан сувни чақириб, ер юзини қопла, деб буйруқ бера оласизларми? Такаббурлар ўзларини паст тутишларига мажбур қилиб, уларни эгилтира оласизларми? Бу ишларни бизнинг Шоҳимиз қила олади. Шунинг учун Шоҳимизнинг ҳукмронлигини тан олинглар, деб сизларни ишонтиргани Унинг номидан келдик. Энди Шоҳимизнинг номи билан, Унинг элчиларига таслим бўлинглар, деб талаб қиламиз. Шу сўзлардан кейин халқ қандай қарорга келишларини билолмай, боши берк кўчага кириб қолди. Шу пайт уларнинг олдига Иблис чиқди. Одамлар беқарор бўлган лаҳзадан фойдаланиб, уларга мурожаат қилди: — Садоқатли хизматкорларим! — деб гап бошлади у. — Агар Шоҳ Шадайнинг улуғлиги тўғрисидаги шу гаплар ҳақиқат бўлса, У сизларга уқтирадиган қўрқув доимо сизларни қулликда ушлаб туради ва сизлар энг тубан кўрқоқлар бўлиб қолаверасизлар. Ҳар нарсага қодир бундай Мавжудотни тасаввур қилишларингиз қийинми? У сизларнинг орангизда даҳшат билан ҳозир бўлганда, қандай бардош берасизлар? Мен сизларнинг шоҳингизман, ўзимни сизлар билан баравар тутаман, сизлар мен билан худди чигирткадай ўйнашларингиз мумкин. Ўзларингиз учун қайси бири кўпроқ фойдали эканини мулоҳаза қилиб кўринглар. Сизларга нималарни инъом қилганимни эсланглар. Яна бир гап: агар анови карнайчининг гаплари тўғри бўлса, нима учун Шадайнинг фуқаролари ҳамма мамлакатларда, улар қаерга ўрнашган бўлишларидан қатъий назар, қулликда яшаяптилар? Бутун оламда улардан кўра бахтсизроқ, улардан кўра хўрланган бирон кимса йўқ[65]. Эй Руҳ! Эсингни йиғиб ол. Мендан ажралишинг сен учун кулфат бўлишини, сендан воз кечишим мен учун оғир бўлишини истар эдим. Лекин барибир, ҳозир оёқларингизда турган пайтда мулоҳаза қилиб кўринглар: озодлик — сизларники, фақат сизлар озодликдан фойдаланишни билсаларингиз бўлди. Сизларнинг шоҳингиз ҳам бор, фақат уни севишни, унга итоат этишни уддаласаларингиз кифоя. Бу гапдан кейин шаҳар аҳлида яна Шоҳ Шадайга қарши шафқатсизлик ҳисси пайдо бўлди. Шадайнинг улуғворлиги тўғрисидаги фикр уларни даҳшатга солди. Унинг муқаддаслиги тўғрисидаги фикр аҳолини умидсизликка солди. Шунинг учун улар ўзаро маслаҳатлашганларидан кейин, карнайчига қуйидагича жавоб бердилар: «Биз қатъий қарор қилдик: шоҳимизни ўзимиз ҳимоя қиламиз. Шадайга асло итоат этмаймиз. Шунинг учун яна даъват билан мурожаат этишинг бутунлай бефойда. Биз шу ерда ўлсак ўламизки, Шадайнинг таклифини қабул қилмаймиз». Иш чаппасига кетгандай, Руҳни қутқаришнинг имкони йўқдай туюлди. Лекин Шадайнинг қудратини яхши биладиган йўлбошчилар, ўзларини мағлуб бўлган деб тан олишни истамасдилар. Кўп ўтмай, улар шаҳарга яна бир марта мурожаатнома юбордилар. Бу мурожаат олдингисига қараганда кучлироқ, қатъийроқ эди. Лекин аҳоли мурожаатномани ва насиҳатни кўпроқ эшитгани сари, тобора зулмат ботқоғига ботиб боравердилар. «Уларни чақирдилар, улар эса нари кетдилар…» (Ос.11:2–7) Шундан кейин Шоҳнинг йўлбошчилари: «Энди мурожаатнома жўнатмаймиз, Руҳни Шоҳ Шадай ҳокимиятига итоат эттириш учун бошқа воситаларни ишга соламиз», деб қарор қилдилар. Улар маслаҳатга йиғилдилар ва ҳар бири ўз фикрини айтди. Ниҳоят, йўлбошчи Маслак ўрнидан туриб, қуйидагиларни таклиф қилди: — Биродарларим! Менинг таклифим шундай: Биринчидан, биз аҳоли устига тўхтовсиз равишда тош ёғдиришимиз керак, токи уларни кечаю кундуз муттасил хавотирда ушлаб турайлик. Шу тарзда Руҳда ҳукмрон бўлган маккор руҳнинг яна илдиз отишига ҳалақит берамиз, чунки шер ҳам доимо безовта қилиб турилса, уни қўлга ўргатиш мумкин. Иккинчидан, биз келишган ҳолда, Шоҳимиз Шадайга хабар жўнатишимиз керак. Шаҳарнинг ҳозирги аянчли аҳволидан Уни хабардор қилайлик, гуноҳларимиз учун Ундан кечирим сўрайлик. Биз Ундан, Ўзинг мадад бер, кўпроқ куч–қувват, имон бергин, деб ибодат қилишимиз керак. Бундан ташқари, У кимни муносиб кўрса, ўшани бош қўмондон қилиб тайинласин, токи биз бошлаган эзгу ишлар беҳуда кетмасин. Унинг шуҳрати учун шаҳарни тамомила эгаллайлик. Ҳамма бу таклифга розилик билдирди. Шоҳ Шадайга қуйидагича кечирим сўраб хабар жўнатилди:[66] «Шафқатли ва шуҳратли Шоҳимиз! Дунёдаги энг аъло ҳукмдоримиз, Руҳнинг Яратувчиси! Сенинг амрингга биноан, биз ўз жонимизга раҳм қилмасдан, Сенинг машҳур ижодинг Руҳга қарши жанг қилдик. Ўзингга маълум, эй Шоҳимиз, ҳамма қилганларимиз Руҳни Сенинг ҳукмронлигингга итоат эттиришга кўндириш учун эди. На мулойим сўзлар, на Сенинг авф этишинг тўғрисидаги ваъдалар, на дўқ–пўписалар, на ўқотар қуроллар муваффақият келтирди (Матто 22:5; Ҳикматлар 1:25–30). Иблис, Умидсиз ва Эркин Майл — исённинг бошида турганлардир[67]. Эй Шаҳаншоҳ! Омадсизлигимиз учун бизни кечир, Руҳни итоат эттиришимиз учун бизга кўп куч, маҳорат ато қил, бизга йўл–йўриқ кўрсатадиган йўлбошчи юбор, токи Сенинг шуҳратинг учун қандай ҳаракат қилишимизни бизга кўрсатсин. Руҳ яна чин юракдан сени севсин. Сени ғазаблантиришдан қўрқсин. Омин.» Кечирим сўраб ёзилган бу мактуб Шоҳга Инсонпарвар деган олийжаноб хизматкор орқали жўнатилди[68]. Мактуб Шоҳнинг Ўғли қўлига топширилди. У мактубни Отасига кўрсатгани олиб бормоқчи бўлди. У аввало ёзилганларни ўқиб чиқиб, нималарнидир Ўзидан қўшди. Сўнг Шоҳга Ўзи олиб борди. Олийжаноб Шоҳ кечирим сўраб ёзилган мактубдан мамнун бўлди, бунинг устига мактубга Ўзининг Ўғли имзо чекканига, қайноқ севги ифодаси билан ёзилиб, Руҳнинг фойдасига гап айтгани учун ҳам мамнун бўлди. Шадай Ўғлини чақирди: — Эй суюкли Ўғлим! — Лаббай, Отажон! Шоҳ Унга деди: — Менга маълум бўлганидай, Ўзингга ҳам маълумки, Руҳ оғир аҳволга тушиб қолган. Икковимизнинг қароримиз бир жойдан чиқди, Сен уни қулликдан халос қилишга бел боғлабсан. Энди Ўғлим, жангга тайёрлан, жанг майдонига жўнайсан. Сен душман устидан ғалаба қилиб, Руҳни мағлуб қилиб, Менга қайтариб олиб келасан. — Сенинг қонунинг юрагимдан жой олган, — деб жавоб берди Эммануил. — Сенинг хоҳишингни бажаришдан Мен хурсандман. Мен аллақачондан буён бу кунни кутаётган эдим. Энди эса ўша ўзим орзу қилган нарсани ижро этишга боряпман. Керакли пайтда Ўз донолигинг билан топадиган куч–қудратни Менга ато қил. Мен бориб, ҳалок бўлаётган Руҳни Иблиснинг ҳукмронлигидан халос қиламан. Бахтиқаро Руҳни деб юрагим ғамга тўлган эди, энди шодликка тўлиб–тошяпти. Мен ўша бечора ижодингни қутқаришни ҳамма нарсадан қимматли деб ҳисоблайман. Бизнинг ажойиб ижодимиз учун қасос куни қалбимда муҳрланган. Мен бахтлиман, Ота. Чунки Сен Мени нажот йўлбошчиси қилиб тайинладинг (Ибр.2:10). Ҳозирдан бошлаб бизнинг ижодимизга азоб берганларга Мен ҳам азоб бераман. Руҳни Сенинг қўлингга қайтариб олиб келаман. Эммануил гапини тугатиши биланоқ, бу хабар яшиндай саройга тарқалди. Буюк жасоратдан бошқа бирон нарса тўғрисида гап бўлмади. Барча аъёнлар: «Бизга ҳам улуғ марҳамат кўрсатилсин, бечора Руҳни қутқариш учун Шоҳ Ўғлига биз ҳам ҳамроҳ бўлайлик», деб илтимос қила бошладилар. Қароргоҳга: «Тез орада Эммануил сон–саноқсиз енгилмас лашкарини бошлаб келади», деган хабар жўнатишга қарор қилинди. Йўлбошчилар бу хабарни эшитганларида, хурсандчиликдан, ҳаяжондан ўзларини қўярга жой топа олмай қолдилар. Уларнинг хитобидан замин титраб кетди. Тоғлар тебранди. Иблис эса вужудини титроқ босганини ҳис қилди. Бу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, Руҳ шаҳри, аҳолиси, гарчи бутунлай бўлмаса–да, лекин кўпчилик қисми Эммануилнинг буюк мақсади билан қизиқмади. Чунки уларнинг ақли хиралашиб, дунёвий лаззат ва ҳузур–ҳаловатдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасди. Лекин Иблис жосуслари орқали Шоҳ Шадайнинг саройида нималар юз бераётганини доимо билиб турарди. У Шоҳ Ўғлидан шунчалик қўрқардики, дунёда бошқа ҳеч кимдан Ундан қўрққанчалик қўрқмасди. Юқорида айтилганидай, бир куни Шоҳ Ўғли Ўз ҳукмронлигини Иблисга намойиш қилган эди. Шоҳ белгилаган вақтда Ўғлини Ўзининг кучларига бош қўмондон қилиб жўнатди. Шоҳнинг Ўғли бешта лашкарбошини сон–саноқсиз қўшини билан бирга олиб кетди. Уларнинг биринчиси машҳур йўлбошчи Имон бўлиб, у ўн минг лашкарга қўмондон эди. Унинг байроғи қизил бўлиб, бу байроқни яловбардор Ваъда кўтариб кетди. Байроқдаги тамға оқ қўзи ва олтин қалқон тасвиридан иборат эди (Юҳ.1:29; Ибр.6:16). Иккинчиси машҳур йўлбошчи Эзгу Умид бўлиб, унинг байроғи ҳаворанг эди. Байроқни Мунтазир олиб кетди. Тамға-си учта олтин лангар тасвиридан иборат эди. Эзгу Умид ҳам ўн минг лашкарнинг қўмондони эди (Ибр. 6:19). Учинчи жасур йўлбошчининг исми Севги эди. Унинг байроғи зангори рангда бўлиб, яловбардорининг исми Шафқат эди. Тамғасида юракка ёпишиб турган иккита яланғоч етимнинг тасвири бор эди. Унинг қўл остида ҳам ўн мингта лашкар бор эди (1 Кор.13). Тўртинчи ажойиб йўлбошчи Беайб деган эди. Унинг байроғи оқ рангда бўлиб, яловбардорининг исми Беозор эди. Тамғаси учта олтин каптарнинг тасвиридан иборат эди (Ибр.10:16). Бешинчи садоқатли йўлбошчининг исми Сабр эди. Байроғи қора рангда бўлиб, яловбардорининг исми Қаноат, тамғаси олтин юракка санчилиб турган учта ўқдан иборат эди (Ибр. 6:12). Шоҳ Ўғли ана шу мулозимлари билан сафарга жўнади. Йўлбошчи Имон қўшиннинг илғор қисми билан, йўлбошчи Сабр запасдаги қўшин билан борди. Қолганлари асосий корпусни ташкил қиларди. Унинг олдида жанг аравасида Эмманунил борарди. Унинг ҳамма қуроллари тоза олтиндан қилинган бўлиб, Ўзи қуёшдай порлаб турарди. Йўлбошчилари эса асосий ёритқичнинг нурини акслантириб турган самовий юлдузга ўхшарди. Шоҳ Ўғли қўшинига: «Ўзларингиз билан етарли миқдорда девортешар қуроллар ва тошлар тўлдирилган палахмон[69] олинглар», деб амр берган эди. Бу қуроллар ҳам тоза олтиндан ясалган бўлиб, бутун сафар давомида корпуснинг қоқ ўртасида олиб бордилар. Шундай қилиб, улар шаҳарга бир чақирим йўл қолгунча, тўхтамай олға юрдилар. Ўша ерда қароргоҳ қурдилар. Бош лашкарбошининг олдига шаҳар яқинида турган тўртала йўлбошчи келиб, Унга лашкарнинг аҳволи тўғрисида ахборот бердилар. Бутун лашкар шаҳарга келиши биланоқ, у ерда турган лашкар кучли ёрдамчи кучлар келаётганини кўриб, хурсандчиликдан шундай қаттиқ бақирдиларки, Руҳнинг деворлари титраб кетди. Иблис эса ҳаддан ортиқ қўрқувга тушди. Эммануил лашкарга: «Шаҳар ҳамма томондан ўраб олинсин, Шоҳ Шадайнинг Ўғли хоҳиши билан бошқарилаётган куч келаётганини аҳоли билиб қўйсин», деб буйруқ берди. Шаҳар ёнида баланд тепаликлар ҳосил қилинган эди. Бу тепаликларнинг номи қуйидагича эди: Шафқат тоғи — ўнг томонда, Адолат тоғи — чап томонда эди. Яна унчалик баланд бўлмаган кўтарма ва истеҳкомлар, масалан, Ҳақиқат кўтармаси, Бегуноҳ истеҳкоми барпо қилинган эди. Буларнинг устига бир неча палахмонлар ўрнатилган эди. Шафқат тоғида тўртта девортешар қурол турарди, қолганлари у ер–бу ерда жойлашганди. Энг кучли палахмонлар Диққат тоғида — Овоза дарвозасининг ёнгинасидаги барпо қилинган тепаликда жойлаштирилган бўлиб, мақсад — аҳолини тор–мор қилиш эди. Шаҳар аҳли атрофни ўраб турган лашкарни девортешар қуролларни ва палахмонларни, тепаликларни, кўтармаларни, яхши қуролланган лашкарни кўрганларидан кейин, улар ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлган эдилар. Лекин бу ўзгариш яхши томонга эмас, ёмон томонга эди: дастлаб улар: «Иблисга қарши туришимиз учун ўзимизнинг кучимиз етарли», деб ўйлаган эдилар. Кейин: «Агар мағлуб бўлсак, бизни нималар кутаётганини ҳеч ким билмайди–ку», деб хавотирга тушдилар. Шундай қилиб, Шоҳ Ўғли шаҳарни ўраб олгач[70], Шафқат тоғига ўрнатилган палахмонлар ўртасига оқ байроқни осиб қўйишга буюрди. У икки мақсадни кўзлаб шундай қилган эди: биринчидан, агар Руҳ Шадайга юз бурса, унга шафқат қилишни истаётганини, иккинчидан, агарда Руҳ қаршилик кўрсатишни давом эттираверса, кечирилмаслигини ва ҳалок бўлиши муқаррарлигини унга англатиш учун қилинган эди. Учта олтин каптар тасвири туширилган оқ байроқ, аҳоли ўзларининг хатти–ҳаракатларини бир мулоҳаза қилиб кўрсин, деб икки кун осилиб турди. Лекин юқорида айтилганидай, аҳоли бунга эътибор бермади, шекилли, Шоҳ Ўғлига ҳеч қандай жавоб бермади. Шундан кейин Шоҳ Ўғлининг буйруғи билан Адолат тоғида оқ байроқ осилди. Бу байроқ йўлбошчи Ҳукмники бўлиб, тамғаси ёниб турган алангадан иборат эди. Байроқ Руҳнинг кўз ўнгида бир неча кун ҳилпираб турди. Лекин байроққа шаҳар аҳли заррача эътибор бермади. Ниҳоят, Эммануил шаҳар рўпарасига учта ўқ тасвири туширилган қора байроқни осиб қўйишни буюрди. Лекин аҳоли барибир лоқайдлигича қолаверди. Руҳни на шафқат, на ҳукм хавфи, на қатл кўриниши хавотирга солмаётганига Шоҳ Ўғли ишонч ҳосил қилгач, безовталана бошлади: «Аҳолининг тушуниб бўлмайдиган бу хатти–ҳаракати шубҳасиз, бизни очиқдан–очиқ менсимаслиги ёки ҳаётга нафрати эмас, балки уруш пайтида Мен танлаган хатти–ҳаракатдан тамомила бехабарлиги оқибатида пайдо бўлган. Шунинг учун аввало, душманим Иблисга қарши уруш бошлаганимда, унинг тақдири нима билан тугашини халққа тушунтиришим керак экан.» Шоҳ Ўғли шаҳар аҳли ҳузурига Ўз хизматкорларини жўнатаётиб, байроқларнинг маъносини тушунтиринглар ва қуйидагича савол беринглар, деб буюрди: «Нимани олишни афзал кўрасизлар — ҳузур–ҳаловат билан шафқатними ёки ҳукм билан ўлимними?» Бу пайтда шаҳар дарвозаси иккита қулф билан беркитилиб, соқчилар ҳам кучайтирилган эди. Иблис эса шаҳардаги тўс–тўполонни қўллаб–қувватлаш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Руҳ аҳолиси Эммануилнинг элчиларига шундай жавоб бердилар: «Муҳтарам йўлбошчилар! Элчиларингиз орқали бизга берган саволларингизга, хусусан, Менинг кечиришимни қабул қиласизларми ёки ҳукм қилинишларингизни истайсизларми, деган саволингизга биз ўз қонунларимиз бўйича қатъий жавоб бера олмаймиз. Чунки биз шоҳимизнинг хоҳишисиз тинчлик сулҳи ҳам туза олмаймиз, уруш ҳам эълон қила олмаймиз. Лекин биз, шоҳимиз шаҳар девори устига чиқсин, ўз фикрини сизларга айтсин, деб илтимос қиламиз.» Эммануил бу сўзларни эшитганда: «Отамнинг ижоди Иблиснинг кишанларида қолишни афзал кўрар экан, Отамнинг ижоди шунчалик қулликка тушиб қолган экан–да», деб қаттиқ қайғуга ботди. Шу орада шаҳар аҳли ўзларининг шоҳи ҳузурига бориб, юз берган воқеани унга айтдилар. Лекин Иблис халқни, таслим бўлманглар, деб кўндирган бўлса ҳам, лекин олдинига боришдан бош тортди. Шоҳ Ўғли олдида қўрқувга тушишни ичидан сезиб турарди. Кўп ўтмай, у: «Ўзим бориб, Эммануил билан гаплашаман», деб қолди ва Нутқ дарвозаси томонга йўл олди. У ерга боргандан кейин, аҳоли учун тушунарсиз тилда гап бошлади: «Эй улуғ Эммануил! Бутун оламнинг Раббийси! Мен Сени биламан, Сен буюк Шадайнинг Ўғлисан. Менга азоб бериш ва мулкимдан бадарға қилиш учун бу ерга келдингми? Ўзинг биласан, Руҳ икки карра меники: 1. У меники, чунки уни мен итоат эттирдим ва ошкора эгалладим. Наҳотки ўлжа ўғридан тортиб олинса?! Қонуний қул эркинликка қўйиб юборилиши мумкинми?! 2. Руҳ меники, чунки унинг ўзи менга итоат этишни истади. Унинг ўзи менга дарвозани очди, «Сенга содиқ бўламан», деб қасамёд қилди. Менинг шоҳимсан, деб ўзи мени эътироф этди. Мен истиқомат қилишим учун, у қалъасини ҳам берди. Бутун куч–қудратини менинг қўлимга топширди. Бунинг устига, бу шаҳар аҳли Сени қабул қилмади, Сенинг қонунларингни, тасвирингни, исмингни ва Сенга қарашли ҳамма нарсани рад қилди. Бунинг ўрнига менинг қонунларимни, менинг тасвиримни, менинг исмимни ва менга қарашли ҳамма нарсани қабул қилди. Йўлбошчиларингдан сўраб кўр, улар қанча насиҳат қилсалар ҳам, Руҳ менга ўзининг садоқатини кўрсатганини айтиб беришади. Руҳ Сендан нима эшитган бўлса, сенинг айтганларингга фақат нафрат, адоват, ғазаб билан жавоб берди. Сен Муқаддассан, Адолатсан, адолатсизликни яратишни уддалай олмайсан. Шунинг учун Сендан илтимос, ҳузуримдан кет, менинг мулкимни ўзимга қолдир, токи хотиржам ҳузур олайин.» Бу гапларни Иблис ўз тилида айтди. У гарчи ҳар бир одам билан уларнинг она тилида гаплаша олса ҳам, унинг ўз тили ҳам бор эди. Бу тил дўзах тили деб номланиб, бечора Руҳга тушунарсиз эди. Халқ ўзларининг шоҳи Эммануил олдида — Шоҳ Ўғли олдида қанчалик ялтоқланиб, паст кетганини кўролмай қолди. Руҳ аҳолиси эса ҳар доим Иблисни мустаҳкам ҳокимиятга ва куч–қудратга эга, деб тасаввур қиларди. Шунинг учун у Эммануилга: «Ўзим мағлуб этган шаҳарда истиқомат қилишимга ижозат бер, қўл остимдаги ерлардан мени маҳрум қилма», деб илтижо қилганда, аҳоли уни енгилмас деб: «Бизнинг шоҳимиз билан жанг қилишга ким ҳам журъат қиларди», деб мақтанди. Қаллоб Иблис нутқини тугатгач, Эммануил ўрнидан туриб, унга шу сўзларни айтди: — Эй ёлғончи, маккор руҳ! Отам ва Ўзим номимдан бахтиқаро Руҳнинг манфаати учун сенга бир нарсани айтмоқчиман. Сен шаҳар дарвозасидан ёлғон орқали кирганингни Отамнинг бутун саройи аҳли билиб турганда, сен ўзингни ҳақ деб биляпсан, бунинг устига қонуний равишда Руҳни эгалламоқчи бўляпсан. Сен Отам ва Унинг қонунлари тўғрисида фисқ–фасод гаплар тарқатдинг, Руҳни алдадинг. Сен: «Руҳ аҳли мени ўзларининг шоҳи, бошлиғи ва қонуний ҳукмдори деб тан олди», дея ишонтирмоқчи бўляпсан. Лекин сен бунга айёрлик билан эришдинг. Агар ёлғон, маккорлик ва ҳар қандай иккиюзламачилик Отамнинг сен ҳукм қилинадиган саройига кириш ҳуқуқига эга бўлганда эди, Мен сени шаҳарнинг қонуний ҳукмдори деб тан олган бўлар эдим. Лекин қайси бир ўғри, золим ёки шайтон шу йўл билан мағлуб қила олмайди?! Сен Руҳга дағдаға қилиб эгаллаб олганинг учун биронта ҳам тўғри гапни айта олмайсан! Мен буни исботлай оламан! Сен Отам тўғрисида қабиҳларча ғийбат тарқатиб, Уни ёлғончи деб кўрсатдинг. Сен онгли равишда Шоҳ Шадайнинг қонунини бузиб кўрсатганингни қандай изоҳлай оласан? Эндиликда ғариб аҳволга тушиб қолган бенуқсон Руҳнинг беғуборлигини нобуд қилишга ҳақли эдингми? Шоҳнинг қонунларига хиёнат қилишга ундаб ҳузур– ҳаловат тўғрисидаги ваъдалар билан Уни сотиб олган сен эмасми?! Руҳ муртадлик қилиб, ўзи учун ҳузур–ҳаловатга олиб борадиган ҳар қандай йўлни маҳв қилиб бораётганини сен ўз тажрибангга кўра билар эдинг. Эй қабиҳ васвасачи! Сен Отамнинг ҳар қандай тасвирини хунуклаштириб, ўзингнинг тасвиринг билан алмаштиришга журъат этдинг. Руҳ ўзининг қонуний Шоҳига юз буришни орзу қилмасин, деб Шоҳнинг элчилари сўзини бузиб, уларга қарши қўзғатдинг, Руҳни нажот топиш тўғрисидаги фикридан қайтишига мажбур қилдинг. Мен сенга Руҳга қилган муртадлигинг — Отамнинг муқаддас исмини ҳақорат қилишига Руҳни мажбур қилиб, ёвузлик қилганинг учун жазо бергани келдим. Эй зулмат беги! Буларнинг ҳаммаси учун сен бошинг билан жавоб беришингни талаб қиламан. Шунинг учун, эй Иблис, Мен қонуний ҳукмдор бўлиб сенинг қўлингдан Руҳни тортиб оламан. Руҳ Меники. Бунинг исботи сен учун шармандалик: Руҳ — Отамнинг ижоди, Уники, ёлғончидан бошқа ҳеч ким бу далилга қарши бирон сўз айта олмайди (Юҳ. 16:15). Руҳ Менинг Отамники, лекин У Руҳни Ўзининг ягона Ўғлига — Менга берган (Юҳ.17). Менинг бутун шодлигим, севгим ундадир. Бундан ташқари, у шунинг учун ҳам Меникики, унга катта нарх берганман: Руҳ гуноҳ қилганда, Отамнинг қонунига биноан гуноҳ учун ўлим эди. Еру осмон тугаганда ҳам, Отамнинг сўзлари ижро этилади (Матто 5:18). Ўшанда Руҳ учун Мен масъул бўлдим ва уни қутқариш учун ўлим ва азобни Ўзимга олишга қарор қилдим. Отам бунга розилик билдирди. Мен Руҳни қутқариш истагида Отамнинг амри билан келдим. Мен уни қутқараман. Сен, ҳар қандай ёлғончиликнинг манбаига, анови телба шаҳарга шу нарса маълум бўлсинки, Мен бу ерга Отам билан бирга келганман. Энди шаҳарнинг ўзига икки оғиз гап айтмоқчиман. Лекин бу гаплар ошкора бўлгач, ўша зоҳоти дарвоза янада маҳкамроқ беркитилиб, соқчилар кучайтирилди. Эммануил гапини бошлади: — Эй бахтиқаро Руҳ! Сенга ачинаман. Сен Иблисни ўзингнинг шоҳинг деб тан олиб, унинг қули бўлдинг. Сен унга дарвозани очдинг, Менга эса ёпиб қўйдинг. Сен унга қасам ичдинг, Мендан эса юз ўгирдинг. Бечора Руҳ! Сени нима қилай? Кулингни кўкка совурайми ёки шафқатимнинг унутилмас ёдгорлигига айлантирайми? Гапимга қулоқ сол, эй Руҳ, сўзларимни қулоғингга қуйиб ол, эй Отамнинг суюкли ижоди! Мен қурбон қилишни эмас, шафқат қилишни истайман. Нима учун дўстингдан қочиб, душманингга интиляпсан? Менинг бутун куч–қудратим сенинг ёвузлигингга эмас, сенинг душманингни йўқ қилишга қаратилган (Лука 9:56; Юҳ. 12:47). Мен уни ҳайдашим керак, у занжирбанд қилинадиган кун ҳам келади. Сен, эй халқим, бундан хурсанд бўласан. Албатта, сени ҳалокат ботқоғига ташлаб кетишим қийин эмас, лекин сен Мен учун қимматлисан. Мен, Руҳни қутқараман, деб Отамга ваъда берганман. Ҳозирдан бошлаб Мен сенинг душманингга қарши шундай уруш бошлайки, токи ҳар ким бу уруш тўғрисида эшитсин, бу урушни кўрсин. Иблис сени маккорлик билан итоат эттириб, сенда ўрнашиб олди. Мен уни бу ердан йўқотиб, фош қиламан. Менинг сўзларим ҳақиқатдир. Мен нажот берадиган ҳукмронман, сени ўша восвосчининг қўлидан қутқараман».[71] Бу гап шаҳарга қаратилган эди, лекин биронта сўз етиб бормади. Овоза дарвозаси маҳкам беркитилган, аҳолидан биронтаси дарвозага яқин келишига соқчи ижозат бермади. Шоҳ қароргоҳидан ҳеч ким шаҳарга кириши мумкин эмас эди. Руҳ ихтиёрий равишда Иблисни ўзининг шоҳи деб тан олгандан бошлаб ана шундай кўр–кўрона қулликда яшар эди. VII Боб Эммануил Руҳга қарши урушга тайёрланади. — Иблис Буйсунмасга иттифоқ тўғрисида таклиф қилади. — Эммануил учун шармандалик бўлган бу таклифлар рад қилинади. — Иблис Эммануилнинг шаҳардаги вакили бўлишга даъват қилиб, яна тинчлик ўрнатишни таклиф қилади. — Бу таклиф ҳам рад қилинади. — Жангга янгидан тайёргарлик кўрилади. — Иблис, Руҳни тарк этишга мени мажбур қиладилар, деб ўйлаб, шаҳарда катта вайронагарчиликлар қилади. — Овоза дарвозасига ҳужум, улар ожиз қолиб, дарвозани очиб берадилар. — Эммануил лашкари шаҳарга кириб, йилномачи Виждоннинг уйини эгаллаб олади. — Бир неча ёвуз иблис тарафдорлари ўлдирилади. Эммаунил шунга ишонч ҳосил қилдики, шаҳар аҳли Уни қабул қилишни истамаяпти. Шундан ке-йин У лашкарини йиғди ва шаҳарни куч билан эгалламоқчи бўлиб: «Овоза ва Кўз дарвозасига қурол–яроғнинг катта қисми келтирилсин!» деб буйруқ берди. Шу орада Эммануил Руҳга: «Айбингни тушуниб ол», деб ҳамон ўгит берар, қисқа нутқ ирод қиларди, баъзан Руҳнинг олдига Ўзининг лашкарбошиларини юбориб, раҳм–шафқат юзасидан турли таклифлар берарди. Шаҳар аҳли вақти–вақти билан ўзларининг шоҳи билан бу таклифларни муҳокама қилиш учун кенгаш чақирардилар. Ўша пайтда шаҳарда Иблиснинг Бўйсунмас деган бир одами бўларди. У Иблиснинг эркатойи эди. Унга чопарлар жўнатилди ва қай тарзда музокара олиб боришни тушунтиришди. Бўйсунмас Шаҳзодадан: «Мени қабул қилсанг», деб илтимос қилди. Белгиланган вақт келгач, Бўйсунмас гапини шундай бошлади: «Улуғ Йўлбошчи! Менинг ҳукмдорим қанчалик олийжаноб экани ҳаммага маълум. Сизларга бир нарсани айтгани келдим: ҳукмдорим Сиз билан бўладиган урушнинг олдини олиш мақсадида шартнома тузишга рози. Шаҳарнинг ярмини ўз фуқаролигингизга олишларингизни у таклиф қилмоқда. Илтимос, менга аён қилинглар, Сиз бу таклифни қабул қиласизми?»[72] Эммануил шундай жавоб берди: «Ҳаммаси Меники, у менга берилган, Мен сотиб олганман, шунинг учун бир парчасини ҳам бермайман.» Бўйсунмас Эммануилга шундай жавоб берди: «Лекин Сиз номига шаҳар устидан ҳукмронлик қилишингизга ҳукмдорим рози, унга бир қисмини берсангиз бўлди. Ҳукмдорим шундай деб айтди.» Лекин Шоҳ Шадайнинг Ўғли: «Ҳаммаси Меники бўлгандан кейин, ҳаммаси устидан Ўзим ҳукмронлик қилишни истайман», деб эътироз билдирди. Бўйсунмас ҳам бўш келмади: «Менинг ҳукмдорим нақадар мурувватли, у ҳатто бутун шаҳар устидан Сиз ҳукмронлик қилишингизга ҳам рози, лекин аҳён–аҳёнда Руҳдан хабар олгани келишига ва хилват жойда вақтинча ўрнашишига ижожат берилса бўлди.» Лекин Эммануил қатъий жавоб берди: «Отам Менга берган ҳамма нарса Ўзимга келади. Отам Менга берганидан ҳеч нарсани йўқотмайман, ҳатто сочнинг толасини ҳам йўқотмайман. Шунинг учун Иблисга ҳеч нарсани, ҳатто шаҳарнинг бир бурчагини ҳам бермайман. Ҳаммасини сақлаб қолмоқчиман.» Шунда Бўйсунмас сўради: «Майли, агарда ҳукмдорим бунга рози бўлса, эски танишлик ҳаққи–ҳурмати, у шаҳарга киришига ижозат берилиб, саёҳатчи сифатида икки кун, ёки ўн кун, ёхуд бир ойга қабул қилинадими? Наҳотки у бунга ҳам эриша олмаса?!» Эммануил жавоб берди: «Йўқ. Ҳукмдоринг саёҳатчи сифатида Довудга зоҳир бўлиб, у билан бир оз вақт қолган эди. Бунинг оқибатида Довуд ҳаётда, яъни руҳий ҳаётида азоб тортди. Ҳукмдоринг билан Ўзимнинг ижодим ўртасида бирор алоқа бўлишига асло йўл қўймайман.» «Сиз жуда ҳам қаттиққўл, шафқатсиз экансиз, Улуғ Йўлбошчи, — деди Бўйсунмас. — Ҳукмдорим сизнинг шартларингизга рози бўлди ҳам дейлик. Унинг дўстлари, қариндош–уруғларига шаҳарда ҳозирги савдо–сотиқ ишларини давом эттиришларига ижозат берилса бўлди. Наҳот бунга ҳам рози бўлмасангиз?!» Эммануил Бўйсунмасга эътироз билдирди: «Йўқ! Бу Отамнинг хоҳиш–иродасига қарши бўлур эди. Чунки Иблиснинг шаҳарда истиқомат қилаётган ёки бундан кейин истиқомат қиладиган ҳар бир уруғи у ердаги мулкнигина эмас, балки ҳаётни ҳам нобуд қилишга ҳукм қилинган.» «Наҳотки ҳукмдорим ҳар қандай шароитда ҳам шаҳардаги ўз таниш–билишлари билан алоқа қилишни давом эттиришига ижозат берилмаса?!» — деб бақирди Бўйсунмас. Эммануил бунга шундай жавоб берди: «Асло! Руҳ Иблис билан ҳеч ҳам алоқада бўлмаслиги керак. Уларнинг ўртасида на таниш–билишлик, на дўстлик, на биродарлик бўлиши керак. Бундай муносабатларнинг мавжудлиги Руҳнинг булғанишига, Мендан узоқлашишига сабаб бўлади, бунинг устига, Мен орқали Отам билан тузилган тинчлик аҳдининг қатъий қарор топишига ҳалақит беради.» «Буюк Ҳукмдор! Лекин бошлиғим билан айрим шаҳар аҳли ўртасида дўстона муносабатлар ва қалин алоқа ўрнатилган эди. У кетиш олдидан улар устидан узоқ вақт ҳукмронлик қилганидан эсдалик қилиб дўстлик рамзи сифатида баъзи нишонларни ҳадя қилса бўладими? Чунки менинг ҳукмдорим пайтида ҳеч ким ундан шикоят қилмади, ҳар доим тинч, хотиржам яшади.» «Йўқ, — деб жавоб берди Эммануил, — шаҳар яна Меники бўлгандан кейин, унинг хатолар ва гуноҳ билан бирга яшагани тўғрисида заррача ҳам эсдалик сақланиб қолишига йўл қўймайман.» «Ҳукмдоримнинг яна бир таклифини етказсам бўлди, — деди Бўйсунмас. — Шу билан Сизга топшириғим тамом бўлади. Агар у шаҳардан чиққандан кейин, аҳолидан бирортаси муҳокамасиз уддалай олмайдиган ишни у билан маслаҳатлашишни истаса, агарда менинг ҳукмдоримдан бошқа ҳеч ким ўша одамга яхши маслаҳат бера олмаса, кимдир ҳукмдоримни чақириб келиш ҳуқуқига эга бўладими? Агарда шаҳарга кириш таъқиқланса, улар қаердадир ёнма–ён туриб, ўзаро иш тўғрисида гаплашиб олар эдилар».[73] Бўйсунмаснинг охирги маккорона таклифи ана шу бўлиб, Эммануил бу таклифга қатъий эътироз билдирди: «Шаҳар аҳли ҳеч қачон, ҳеч қаерда ва ҳеч қандай иш учун маслаҳат сўраб Иблисга мурожаат этиши керак эмас, улар ҳамма эҳтиёжларини Отамга ибодат орқали етказишлари керак. Акс ҳолда Иблисга ва иблис тарафдорларига эшик абадий очиқ қолдирилган бўларди, улар доимо чуқур қазишга интилиб, иккинчи марта Руҳни ўша чуқурга итариб юборишга ва ҳалок қилишга интиладилар.» Шундан кейин Бўйсунмас Эммаунилнинг олдидан кетиб, бўлиб ўтган суҳбатни Иблисга етказиш учун жўнади. Иблис билан аҳоли бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини билганларидан кейин, бир овоздан: «Эммануил шаҳарга киритилмасин, умумий қароримизни Унга етказиш учун Ҳалокатли Мужмал юборилсин», деб қарор қилдилар. Нотиқ Овоза дарвозасига боргач, қабул қилишларини сўраб, гап бошлади: « Шадай Ўғлига менинг ҳукмдорим қуйидагиларни етказишни топширди: шаҳар аҳли ва шоҳ Иблис бир –бирларини қўллаб–қувватлашга, муваффақиятсизлик юз бериб қолган тақдирда бирга ҳалок бўлишга қарор қилдилар. Шаҳзода Эммануил, шаҳар таслим бўлади, деб беҳуда ўйлаяпти. Шаҳзоданинг кучлари бизникидан кўп эмас–ку.» Бу сўзларни Эммануилга Иблиснинг қари Гапдони етказди. Лекин У бу гапга шундай жавоб берди: «Мен Ўз қиличимнинг кучини синаяпман (Эфес. 6:17), шаҳар қанчалик қаршилик кўрсатмасин, Мен чекинмайман, шубҳасиз шаҳарни эгаллаб, қулликдан халос қиламан.» Эммануил ўша зоҳоти Воанаргесга, Маслакка, Ҳукм ва Қатлга буйруқ берди: «Лашкарни бошлаб шаҳарга — Овоза дарвозасига боринглар, байроқларни кўтариб, карнай чалинглар ва уруш эълон қилинглар.» У йўлбошчи Имонга: «Улар билан бирга бор!» деб буйруқ берди. Йўлбошчилар Эзгу Умид билан Севгига: «Кўз дарвозаси олдида туринглар!» деб, қолганларга: «Шаҳар атрофида жойлашинглар», деб буйруқ берилди. Сўнг У лашкарга: «Парол Эммануил бўлади» деб хабар берди. Бирдан хавф–хатар кўтарилди, девортешар қуроллар ва палахмонлар ҳаракат келтирилди, шаҳар узра тош дўлдай ёғдирилди. Шундай қилиб, жанг бошланди. Иблис эса ҳамма дарвозалар олдига аҳолини ўзи жойлаштириб, ўзи ҳам қаршилик кўрсатди. Шунинг учун Руҳнинг мудофааси Эммануилга яна ҳам ҳақоратлироқ туюлди. Шаҳзода бир неча марта чарчамасдан Иблисга ва унинг қурбонликларига қарши жанг қилди. Эммануилнинг йўлбошчилари эса мардларча ажойиб қаҳрамонлик кўрсатдилар. Улардан биринчиси Воанаргес уч марта Овоза дарвозасига ҳужум қилиб, уларга талафот етказди. Ишонч унга ёрдам берди, дарвозадагилар бўшашаётганини кўриб: «Девортешар қуроллардан ва палахмонлардан ўқ ёғдирилсин!« леб буйруқ берди. Лекин Ишонч дарвозага яқин келганда, уч марта оғзидан яраланди. Эммануил бу иккала лашкарбошини мардлик кўрсатганлари учун мақташ учун одам юборди, «Дам олинглар!» деб буюрди. Ҳар бирига мукофотга олтин занжир берди. Ишончнинг яраларини тезроқ даволаш учун кўп ғамхўрлик кўрсатилди. Эзгу Умид ва Севги Кўз дарвозасига шундай куч билан отилдиларки, уларни вайрон қилишларига сал қолди. Эммануил уларни ҳам ҳормай–толмай курашганлари учун мақтади. Бу тўқнашувда иблис тарафдорларининг кўпчилиги ўлдирилди, аҳолидан баъзилари ҳам ўлдирилди. Мақтанчоқ деган бошлиқлардан бирининг иши чипакка чиқди. У: «Бирор кимса Овоза дарвозасининг устунларини қимирлатишга қодир эмас, Иблиснинг юрагига қўрқув сола олмайди», деб мақтанган эди. Яна Бепарво дегани ҳам ўлдирилди. У: «Ҳатто кўрлар билан чўлоқлар ҳам ҳеч қўрқмасдан Эммануилнинг лашкаридан дарвозани қўриқлай олади» (2Шоҳ. 5:6), деб ўйлаган эди. Йўлбошчи Ишонч оғзидан уч марта яраланган пайтда Бепарвонинг бош суягини дудама қиличи билан кесиб ташлади. Булардан ташқари, Мақтанчоқ деган ашаддий иблисчи бор эди. У қоракуя, ўқ ва ўлим ёғдирадиган тўданинг бошлиғи эди. Кўз дарвозасида Эзгу Умид уни кўкрагидан яралади. Аллақандай Сезги дегани ҳам кўзидан яраланди, агар вақтида қочиб қолмаганда, ўлиши аниқ эди. У исённинг асосий бошловчиларидан эди. Воанаргеснинг сипоҳларидан бири унга зарба берди. Лекин Эркин Майл бек ғалати бир томошага сабаб бўлди. У қўрқувдан ақлдан озиб қолди, ўзини у ёқдан–бу ёққа отаверди. Айтишларича, оёғидан яраланган экан, шунинг учун оқсар эди.[74] Шаҳар аҳлидан кўпчилиги ҳам майиб бўлган, ярадор бўлган, ўлдирилган эди. Овоза дарвозаси лиқиллаб турганини, Кўз дарвозаси вайрон бўлганини кўрганларида, руҳлари тушиб, олтин палахмонлардан отилаётган тошлардан кўп талафот кўрдилар. Улардан бири Эзгулик Душмани қаттиқ яраланди, лекин ўлими олдидан қаттиқ қийналди. У Иблис тарафдорлари сафига ёзилди. Ҳалокатли Мужмал ҳам бошидан яраланиб, мияси шикастланди. Шу лаҳзадан бошлаб у безарар бўлиб қолди. Қария Нотўғри Тушунча ва Бепарво яшириндилар. Жанг тугагач, Шоҳ Ўғли шундай буйруқ берди: «Шафқат тоғига бутун шаҳарга кўринадиган қилиб яна байроқлар тикилсин, токи исён кўтарган аҳолига афв қилишдан воз кечмаганимни кўрсатай.» Иблис оқ байроқни кўрганда, бу байроқ шахсан у учун эмас, балки шаҳар аҳли учун эканини тушунди. Ўша зоҳоти янги айёрликни ўйлаб топди. Хусусан, у Эммануилни: «Қамални бас қилсангиз, шаҳарни тузатишга ваъда бераман», деб ишонтиришга ҳаракат қилди. Оқшом пайти — қуёш ботганда Иблис дарвоза олдига келди ва қабул қилинишини сўради. Шаҳзоданинг Ўзи дарвоза олдига келди. Иблис гап бошлади: «Оқ байроғингни илиб қўйганингдан тинчлик, хотиржамликни истаётганингни билдиряпсан. Энди Сенинг таклифингни қабул қиламиз, шундан Сени хабардор қилмоқчиман. Сенинг қанчалик тақводорлигингни, солиҳ ҳаётни қанчалик севишингни биламан. Шаҳар муқаддас масканга айланганини кўриш учун ҳам Сен шаҳарга қарши уруш бошладинг. Лашкарингни шаҳардан нари олиб кет, мен шаҳарни Сенга итоат эттираман. Аввало мен Сенга бўлган ҳар қандай душманлик хатти–ҳаракатларимни бас қиламан, Сенинг вакилинг бўламан. Сенга қанчалик душман бўлган бўлсам, энди Сенга шунчалик тарафдор бўламан, шаҳарда Сенга хизмат қиламан. Мен Руҳни шундай ишонтираманки, у Сени ўзининг ҳукмдори деб тан олади. Билиб турибман, мен Сенинг ноибинг бўлганимни у билгандан кейин, кўп ўтмай бунга рози бўлади. Шаҳар аҳлига адашганларини кўрсатиб бераман, қонунга қарши жиноят ҳаётга йўлни тўсиб қўйишини тушунтириб бераман. Мен уларни ўзлари оёқ–ости қилган муқаддас қонунга ўргатаман, бундан кейин муқаддас қонун бўйича яшашни ўргатаман. Сенинг қонунларингга мувофиқ ўзгаришлари зурурлигини тушунтираман. Бундан ташқари, ҳаммаси қоидадагидай бўлиши учун, мен ўз ҳисобимдан шаҳарда воизлар жамоатини ва Сенинг Каломингни тафсир қилувчиларни ташкил этаман. Биз Сенинг фуқароларинг бўлганимиз белгиси сифатида нимани маъқул кўриб белгилаган бўлсанг, ҳар йили ўша нарсани оласан.» Шунда Эммануил қуйидагича жавоб берди: «О, маккор, ёлғончи руҳ! Сенинг хатти–ҳаракатларинг нақадар ўзгурувчан–а! Руҳни қулликда ушлаб туриш учун неча марта ҳар хил ниқобга ўрандинг. Лекин Руҳ Меники эканини биласан. Сен ўзингни қоп–қора қиёфангда зоҳир этиб, Мени алдашга муваффақ бўлмадинг. Энди эса нур фариштасига айланиб, алдоқчилик орқали солиҳликнинг воизи бўлиб олмоқчисан (2 Кор.11:14). Лекин билиб қўй, эй Иблис, сенинг биронта таклифинг қабул қилиниши мумкин эмас. Чунки сенда маккорлик ва ёлғончиликдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Сенда Худо олдида уят йўқ, сенда инсонга севги йўқ! Кимки шу қадар айёрлик қилиб, тез ўзгарса, у айни ўзига қулоқ солганларни ҳалок қилишни истайди. Агар солиҳлик сени шунчалик ўзига тортса, нега узоқ вақт иллатли бўлиб қолдинг? Энди эса Руҳни тузатиш тўғрисида мулоҳаза қиляпсан, Руҳ қонун бўйича бирор яхши иш қилмасин, деб илгари қонунга қарши жинояти учун сазовор бўлган лаънатни ўзидан олиб ташлай олмаслигини олдиндан билиб, уни тўғри йўлга солиш учун бошчилик қилишга Мен ижозат беришимни истаяпсан. Буларнинг ҳаммаси ёлғон, фирибгарлик экани ўзингга яхши маълум. Лекин сен охирги воситани ишга солмоқчисан. Сен қоп–қора қиёфангда зоҳир бўлганингда кимлигингни кўпчилик билиб олади. Лекин ялтироқ қиёфани қабул қилганингда, кўпчилик сени тан олади. Лекин Руҳга нисбатан қилган фирибгарлигинг ўтмайди, чунки Мен уни ҳамон севаман. Мен бу ерга Ўзимнинг ижодимга енгил–елпи йўл билан таъминланган ҳаётни инъом қилгани келганим йўқ. Агар шунинг учун келганимда эди, Мен ҳам сенга мослашган бўлар эдим. Руҳ Отамга муртадлик қилиб, Унинг ғазабига дучор бўлди. Гарчи адолатли қонун бўйича у афв этилмаса ҳам, Мен уни Отам билан яраштириш учун келдим. Сен шаҳарни эзгуликка бўйсундиргани келдингми? Сен тоабад ёмонлик яратадигансан–ку! Эзгулик зўрлик билан пайдо қилиниши мумкинми? Руҳни сенинг ифлос чангалларингдан қутқариш учун Отам Мени жўнатган. Ўлимга маҳкум қилинган одамни имкон қадар қайтарилганидай, Мен ҳам уни Худонинг ўхшашига қайтаришим лозим. Мен Руҳни тўлиқ эгаллайман, Сени эса қувиб юбориб, байроғимни шаҳар ўртасига ўрнатаман. Мен шаҳарни янги қонунлар бўйича, янги бошлиқлар билан, янги йўллар ва янги мақсадлар учун бошқараман. Бу шаҳар илгари ҳеч бўлмаганидай, мен буни йўқ қилиб, янгисини қураман. Бу янги шаҳар Оламнинг шуҳрати бўлади!» Иблис билдики, ўзининг маккорлиги Эммануилга ошкор бўлибди. У шарманда бўлиб, қандай жавоб беришини ҳам билолмай қолди. Лекин Шоҳ Шадайдан, Унинг Ўғлидан, Уларнинг ижоди бўлган Руҳдан нафратланган ва ғазабнинг, маккорликнинг манбаи бўлган Иблис охирги кучини йиғиб, тождор Йўлбошчига қарши охирги кучини йиғиб, курашни давом эттиришга қарор қилди. У девор олдидан кетиб, ўзининг асосий кучи томонга — шаҳарнинг юрагига йўл олди. Эммануил қароргоҳга қайтди. Иккала томон ҳам жангга тайёрлана бошлади. Иблис: «Ўлжани қўлимда сақлаб қола олмас эканман–да», деб умидсизликка тушиб, Эммануилга ва шаҳарга зарар келтириш учун бор имкониятини ишга солишга қарор қилди. У ўз қўмондонларига шундай буйруқ берди: «Ҳар қандай мудофаа бефойдалигига ишонч ҳосил қилганларингиздан кейин, дарҳол ҳамма нарсани талон–тарож қилинглар, вайрон қилинглар, ўйлаб ўтирмасдан йўқ қилиб ташланглар, ҳатто ёш бола бўладими, аёл бўладими, шафқат қилманглар. Шаҳарни Шоҳ Ўғлига бергандан кўра, вайрон қилиб, тош уюмларини қолдирганимиз яхши.» Эммануил охирги жанг шаҳарни эгаллаш билан тугаши кераклигини билиб, Ўз йўлбошчиларига ва қўл остидагиларга буйруқ берди: «Иблисга ва Иблис тарафдорларига шафқатсиз бўлинглар, лекин зинҳор шаҳар аҳолисига зарар берманглар, уларга ёрдам кўрсатинглар, дўстона муносабатда бўлиб, мурувват қилинглар.» Белгиланган кун келгач, Эммануил Ўз лашкарига буйруқ берди. Лашкар қуролланиб, Овоза ва Кўз дарвозасига отилдилар. Бу сафар: «Руҳ эгалланди», деган сўз парол бўлди. Улар шу тариқа қамални бошладилар. Иблис асосий кучлари билан шаҳар ичида қаршилик кўрсатди. Унинг қўмондонлари ғазаб билан бир муддат Эммануил лашкарига қарши жанг қилди. Лекин икки–уч марта қаттиқ ҳужумдан кейин, Овоза дарвозаси сурилди,[75] дарвоза тамбалари, қулфлари парча–парча бўлиб кетди. Шоҳ карнайчилари карнайларини чалдилар. Лашкар шодликдан ҳайқирди, шаҳар ларзага келди. Иблис эса қалъага чекинди. Дарвозалар ланг очилгандан кейин, Шоҳ Ўғли дарвозадан кириб, ўша ерда Ўзи учун тахт ўрнатишга буйруқ берди. Байроғини тоғ устига ўрнатишга фармон берди. Бу тоғда Эммануилнинг лашкари палахмонларни ўрнатиш учун тепалик ясаган эдилар. Бу тоғнинг номи «Эътибор қил» эди. Эммануил: «Иблис чекинган қалъага палахмонлардан тўхтовсиз тош отилсин!» деб буйруқ берди. Тўғри йўл Овоза дарвозасидан қария солномачи Виждоннинг уйига олиб борар эди. Айнан Виждоннинг уйи ёнида қалъа жойлашган бўлиб, анчадан буён Иблиснинг ўғрихонаси сифатида хизмат қиларди. Шоҳ Ўғли йўлбошчилари: «Зудлик билан бу йўл ҳар қандай нопокликлардан ва ифлос нарсалардан тозалансин, токи лашкар қийналмасдан қалъага бора олсин», деб буюрдилар. Эммануил Воанаргесга, Ишонч ва Ҳукмга: «Дадил одим отиб, қариянинг уйига боринглар», деб буюрди. Карнай садолари остида улар ҳарбийларча одим отиб, қўлларида қурол билан кетдилар ва солномачининг эшиги олдида тўхтадилар. Улар девортешар қуролларини эшик ёнида ўрнатдилар, чунки қария яшаган уй қалъа сингари мустаҳкам эмас эди. Виждоннинг эшигига бориб, тақиллата бошладилар. Лекин қария бутун жанг давомида беркиниб олган, уларнинг мақсадини билмасди. Воанаргес: «Эшикни очинг!» деб буюрди, лекин ҳеч қандай жавоб бўлмади. Кейин у девортешар қурол билан эшикни уришга буюрди. Қуролни шундай қаттиқ урдиларки, қария ваҳимага тушди, уй эса тебраниб кетди. Солномачи шундан кейин ташриф буюрганларга яқин келди ва овози қалтираб: «Сизларга нима керак? Кимсизлар?» деб сўради. Воанаргес: «Биз Шоҳ Шадайнинг ва Унинг марҳаматланган Ўғлининг йўлбошчиларимиз, сизнинг уйингизни Шоҳ Ўғли учун олмоқчимиз», деб жавоб берди. Шу гапдан кейин девортешар қурол билан яна икки марта зарба бердилар. Солномачи яна ҳам қаттиқроқ ваҳимага тушди. Лекин энди эшикни очмасликнинг иложи йўқ эди. Учала йўлбошчи унинг уйига кирдилар. Бу уй ҳар томонлама Эммануилга мос келарди. Мос келишининг сабаблари қуйидагича эди: уй қалъанинг ёнида қурилган, кенг, олд томони Иблис қўрқиб яшириниб олган қалъага қараган эди. Йўлбошчилар юз берган воқеаларни қария солномачига айтиб бердилар. Чунки унга Эммануилнинг мақсади тамомила номаълум эди. Қолаверса, юз бераётган воқеаларга қандай алоқаси борлигини, бу қирғин нима билан тугашини унинг ўзи ҳали билмас эди. «Солномачининг уйини Шоҳ лашкарлари эгаллабди» деган хабар тезда шаҳар бўйлаб тарқалди. Ўша зоҳоти хатар кўтарилди. Кўп ўтмай, бутун шаҳар бўйлаб: «Руҳ тамомила вайрон қилинар экан» деган миш–мишлар пайдо бўлди. Лекин бу миш–мишларнинг сабаби шу эдики, солномачи бу хабарни Шоҳ йўлбошчиларининг ўзларидан эшитганда, қўрқув ичида эди. Одамлар қариянинг уйига келишиб, Шоҳ йўлбошчилари қурол–аслаҳалари билан жойлашиб олишганини, девортешар қуроллар билан қалъага тўхтовсиз равишда урилаётганини кўрганларида, даҳшатдан тарракдай қотиб қолдилар. Бунинг устига, қариянинг гаплари уларнинг қўрқувини янада ошириб юборди. У ҳаммага шу гапни такрорларди: «Шубҳа йўқки, ўлим ва вайронагарчилик шаҳарга хавф солиб турибди. Ишонаверинглар, ҳаммамиз ҳозирги ғолиб — шон–шавкатли Эммануилга худди сотқинлардай муносабатда бўлдик. У энди фақат шаҳримизни қамал қилиб қолмади, балки У ҳозир шу ерда жойлашиб ҳам олди. Бунинг устига, Иблис Ундан қочиб, яшириниб олди. Менга келсак, мен кўп гуноҳ қилдим. Лекин поклигимча қолганимдан бахтиёрман. Мен гапиришим керак бўлган пайтда жим қолиб, кўпроқ гуноҳ қилдим. Мен ҳақиқатни ҳимоя қилишим керак эди, лекин бузиб кўрсатдим. Албатта, Шадайнинг қонунларига риоя қилганим учун Иблисдан азоб кўрдим. Руҳ менга ишониб топширилганда, сотқинлик қилдим, муртадлик қилдим, ҳамма ёвузликларга гувоҳ бўлиб турдим. Ҳеч ҳам танбеҳ бермадим. Энди бу гуноҳларимни ювиб бўладими?! Оҳ, Шоҳ Ўғлининг даҳшатли ғазабини ўйлаганимда, вужудимни титроқ босяпти.» Шу орада Эммануилнинг йўлбошчилари солномачининг уйида ўз вазифалари билан машғул бўлганларида, йўлбошчи Қатл шаҳар кўчаларида ўз вазифасини бажараётган эди. У шахсан ўз қўли билан Эркин Майл бекнинг учта бошлиғини қатл қилди. Улардан бири — Овоза дарвозасини қўриқлаётган Нотўғри Тушунча, иккинчиси — ўша дарвозаларда иккита замбаракка қўмондонлик қилаётган Беҳуда Тиришқоқ, учинчиси — тубан ва ярамас феъл–атворли Сотқин эди. Эркин Майл, айниқса, Сотқинга кўп умид боғлар эди. Йўлбошчи Қатл Эркин Майл бекнинг кўп жангчиларини ўлдирди. Улар сурбет, ўзига бино қўйган бўлсалар–да, лекин Иблис олдида худди илонга ўхшаб биланглаб юрардилар. Қатл қилинганларнинг ҳаммаси Иблиснинг тўдасига мансуб эди. Руҳ шаҳрининг аҳолисидан ҳеч ким ярадор ҳам бўлмади, ўлдирилмади ҳам. Эммануилнинг қолган йўлбошчилари бошқа дарвозаларда қаҳрамонлик кўрсатдилар. Йўлбошчи Эзгу Умид Кўз дарвозасида мингта одамга бошчилик қилаётган соқчи Кўрни ер тишлатди. Эзгу Умид унинг мингта одамини қувди, бировини ўлдирди, бировини қочирди. Иблиснинг нотиғи, узун соқолли Ҳалокатли Мужмал Эммануилнинг садоқатли йўлбошчиси қўлида ҳалок бўлди. Ҳалокатли Мужмалнинг соқоли белига тушар, шаҳарга кўп зарар келтирган эди. Иблис тарафдорларининг мурдаларини ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Лекин кўпчилиги тирик қолиб, шаҳардаги ертўлаларга, хилват жойларга яшириниб олиб яшайвердилар. VIII Боб Шаҳар оқсоқоллари маслаҳатга йиғилишиб: «Ҳаётимизни сақланг», деган илтимос билан Шоҳга мактуб ёзадилар. — Қалъа деворлари бузилиб кетади. — Эммануил шаҳарга киради. — Иблис асирга олиниб, занжирбанд қилинади. — Қайғу ичида қолган аҳоли қайта–қайта кечирим сўрайдилар. — Ниҳоят, бутун аҳоли кечирилади, ҳамма шод–хуррам бўлади. Шу орада қария солномачи, шаҳарнинг собиқ ҳокими Идрок ва шаҳарнинг бир қанча оқсоқоллари йиғилдилар ва «Руҳ вайрон бўлса, биз ҳам шубҳасиз ўлишимиз керак», деб англаб етдилар. Узоқ маслаҳатлашганларидан кейин: «Эммануил ҳозир шаҳар дарвозасида турган пайтда Ундан кечирим сўрайлик», деб келишиб олдилар. Кечиримнинг мазмуни қуйидагича эди: «Биз, бахтиқаро шаҳарнинг эски фуқаролари, гуноҳимизни тушундик. Шоҳимизни ҳақорат қилганимиздан афсусланяпмиз, энди ҳаётимизни сақлаб қол, деб Унга илтижо қиляпмиз.» Эммануил кечирим сўраб ёзилган мактубни олди–ю, илтимос қилганларни уялтириб, бетинч қилгандан кўра, мактубга жавоб бермай қўя қолди.[76] Бу вақтда солномачининг уйига жойлашиб олган йўлбошчилар қалъа деворини бузишга ҳаракат қилиб, девортешар қуролларини бир зум ҳам тўхтатмадилар. Ниҳоят, Димоғдор деган ном билан машҳур бўлган девор қулаб, парча–парча бўлиб кетди. Иблис яшириниб олган қалъага йўл очилди. Ўша зоҳоти Эммануилга бу хабарни етказиш учун чопарлар жўнатилди. Бутун қароргоҳ хурсандчиликдан карнай чалиб: «Шоҳ Ўғлининг қалъага кириши — урушнинг тез орада тугашини ва Руҳни озод қилиш бошланганини исботлайди», деб тушундилар. Эммануил ўрнидан турди ва Ўзи зарур деб ҳисоблаган яқинларини эргаштириб, шаҳарга кирди–да, марказга қараб йўл олди. У олтин қурол–аслаҳалар билан қуролланиб олган эди. Эммануилнинг олдида Унинг байроғини олиб бордилар. Эммануилнинг юзларида вазмин ифода, хотиржамлик эди. Уйларидан чиққан одамлар Унинг зафарли юришига қараб: «Шоҳ Ўғли бизга меҳрибонлик кўрсатадими ёки ғазабини сочадими», деб ҳеч нарсани билолмасдан, Уни хавотирлик билан кузатардилар. Аҳоли Шоҳ Шадайнинг қонунини оёқ–ости қилганлари учун ўлимга лойиқ эканликларини, Иблисни ўзларининг шоҳи деб ихтиёрий равишда эътироф этганлари ҳам Шоҳ Ўғлига маълум эканини билишар, буларнинг ҳаммаси уларни ваҳимага соларди. Шунинг учун улар: «Эммануил исёнкор шаҳарни вайрон қилиб, бизни ўлимга ҳукм қилмаса эди», деб қўрқардилар. Яқиндагина ўзлари нафратланиб, шаҳарга киритишни Истамаганга меҳр билан боқиб, Унинг ғаройиб гўзаллигига маҳлиё бўлишар, Унга таъзим қилишар, оёқлари остига ўзларини отишар, Уни шоҳ қилиб сайламаганларига афсусланишарди. Шу тариқа Руҳ у ёқдан–бу ёққа ўзини урар, »Мени нима кутяпти экан–а», деб хаёлга ботиб, гоҳ қўрқувни унутиб, умид ҳам қиларди.[77] Эммануил қалъага яқин келиб, Иблисга: «Менга қара!» деб буйруқ берди. О, у махлуқ ғолиб Шоҳга кўринишдан шунчалик қўрқардики, тиришиб, Унга шунақанги хушомад қилардики! Бутун вужуди дағ–дағ титраётган Иблисни Эммануилнинг рўпарасига олиб келдилар. Эммануил: «У занжирбанд қилинсин, Шоҳ томонидан ҳукм қилинадиган кунгача қолдирилсин», деб буйруқ берди. Шунда маккор руҳ: «Мени тубсиз чуқурликка ташлатмагин, шаҳардан тинчгина чиқиб кетай, ижозат бер», деб ялина бошлади. Иблисни занжирбанд қилганларидан кейин, Эммануил: «Уни бозор майдонига олиб бориб, бутун халқнинг кўзи ўнгида мақтанган қурол–аслаҳаларини олиб ташланглар», деб буйруқ берди. Шоҳ Ўғлининг илк тантанаси эди бу! Шу пайт карнайчилар хурсандчиликдан карнайларини чалдилар, қўшиқлар янгради, бутун лашкар шодликдан ҳайқирди. Шундай қилиб, энди Руҳ шу кунгача қанчалик қаттиқ адашганини, бекордан–бекорга кимга ишонганини, адашиб кимга сажда қилганини тушунган эди. Эммануил бутун шаҳар олдида Иблисни тор–мор қилгандан кейин: «Иблис аравага боғлансин!» деб амр берди. Воанаргес билан Ишончга: «Лашкарингизнинг бир қисмини олиб, қалъани қўриқланглар, Иблиснинг тарафдорларидан бирортаси уни озод қилишга уриниши мумкин», деб тайинлади ва Ўзи аравага ўтириб, зафар билан қаттиқ ҳайқириқлар ва ҳамду санолар остида бутун шаҳар бўйлаб Кўз дарвозаси олдидан ўтди. Ҳамма қаллоб Иблисни ҳақоратланган ҳолда кўриб, бирдан шод бўлганларидан ҳайқириб баланд овоз билан қўшиқ куйладилар: «У Ўз асирини қўлга олди, У ҳукмронларни, ҳукмронликни қўлларида ушлаб турганларни йиқитди. Иблис Унинг қиличи кучини билди. Иблис олдинги қуллари олдида масхара бўлди.» Карнай овози, ажойиб қўшиқ, ҳаяжонли ҳайқириқлар шу қадар баланд эдики, ҳатто само аҳли[78] ҳам: «Бу хурсанчиликнинг сабаби нима экан», деб пастга кўз ташладилар. (Лука 15:7–10) Бу воқеалар нима билан тугашини одамлар билолмай, кўриб, эшитиб туравердилар. Лекин нимадир уларни Эммануилга тортарди. Одамлар нигоҳини Эммануилдан узолмасдилар. Эммануил душманни қилмишига яраша жазолаб: «Бундан кейин шаҳарда кўринма!» деб таъқиқлади ва уни ҳайдаб юборди. Хўрланган, шарманда бўлган Иблис кўздан ғойиб бўлди. У самарасиз ернинг четларидан маскан излашга мажбур бўлди. «Қаерда хотиржам бўла олармиканман», деб ўйлади, лекин ҳеч қаердан маскан топа олмади (Матто 12:43). Иблис ҳайдаб юборилгандан кейин, шаҳар аҳли бутун эътиборини қўмондонлар Воанаргес билан Ишончга қаратдилар. Улар ҳали ҳам солномачи Виждоннинг уйида жойлашган эдилар. Бу мардлар фавқулодда куч–қудратга эга бўлган одамлар эдилар. Уларнинг юзлари шернинг юзларини эслатарди (Пар.12:8), овозлари эса қутурган денгизнинг ўкиришига ўхшарди (Ишаё 5:30). Лекин йўлбошчилар атрофдагиларни қўрқув ва ларзага солиб, ҳеч оғишмай ўз вазифаларини бажарардилар[79]. Шунинг учун халқ келажагини ўйлаб, доимо юрагини ҳовучлаб, хавотирда яшарди. Анчагача аҳолидан ҳеч ким на тиним билди, на хотиржам бўлди, на умид қилди. Шоҳ Ўғли шаҳарда истиқомат қилишни истамасдан, Отасининг бирлашган кучлари орасидаги қароргоҳга жойлашди. У йўлбошчи Воанаргесга шундай буйруқ жўнатди: «Қалъа ҳовлисига бутун жамоатни йиғиб, ҳамманинг кўзи олдида солномачи Виждонни, шаҳар ҳокими Идрокни ва Эркин Майл бекни қама.» Буйруқ ижро этилди. Аҳоли энди баттар қўрқиб қолди. Худди шаҳар вайрон қилинадиган пайт яқинлашгандай туюлаверди. «Биз қандай ўлим топар эканмиз, азобларимиз узоқ давом этармикан», деган ўй аҳолининг фикрини муттасил банд қилиб келди. Улар ҳатто: «Эммануил бизни дўзахга ташлашга буюради», деб қўрқардилар. Бу дўзахдан Иблис ҳам қўрқарди. Лекин улар шундай жазога лойиқ иш қилганларини тушунардилар. «Биз олийжаноб шаҳзоданинг қўлида ўламизми ёки Унинг қаҳрига дучор бўламизми» — уларни хавотирга солаётган нарса шу эди. Улар қамоққа олинган йўлбошчилари учун ташвиш тортардилар ва «Йўлбошчиларимиз қатл қилинса, шаҳарни вайрон қилинишининг бошланиши шу бўлади», деб ишонардилар. Шунинг учун улар маслаҳатга йиғилишиб, ўзларининг номидан ҳам, маҳбуслар номидан ҳам авф сўраб мактуб ёзиб, Умрпарвар[80] деган орқали Эммануилга етказишга қарор қилдилар. Умрпарвар Шаҳзоданинг қароргоҳига йўл олди ва мактубни Унинг қўлига олиб бориб берди. Мактуб қуйидаги мазмунда эди: «Улуғ ва ғаройиб ҳукмдор, Иблиснинг ғолиби, Руҳнинг Фотиҳи! Биз, бахтсиз оламнинг бахтиқаро аҳолиси, афв этишингизни ёлвориб сўраймиз. Биз қилган жиноятларни, бошлиқларимизнинг гуноҳларини эсламанг, Ўзингизнинг буюк шафқатингизни бизга кўрсатинг. Бизни ўлдирманг. Сизнинг паноҳингиз остида яшашга ижозат беринг. Биз Сизга содиқ хизматкорлар бўламиз. Сизнинг ижозатингиз билан дастурхонингиздан ушоқларни териб еймиз. Омин.» Юқорида айтилганидай, чопар Шоҳ Ўғли ҳузурига борди. Шоҳ Ўғли унинг қўлидан авф сўраб ёзилган мактубни олди. Лекин бир оғиз ҳам сўз айтмай, чопарга ижозат берди. Шаҳар аҳли бундан қаттиқ хафа бўлди. Лекин улар ўзларининг аҳволини ўйлаб кўриб: «Биз яна афв сўрашимиз ёки ўлишимиз керак бўлади», деб аниқ ишонч ҳосил қилдилар. Шундай қилиб, улар умумий йиғилишда иккинчи марта авф хати жўнатишга қарор қилдилар. Улар иккинчи марта афв хати ёздилар–у лекин ким орқали юборишни билолмай қолдилар. «Олдин жўнатган чопаримиз Эммануилга маъқул келмади, шунинг учун унга ҳеч қандай эътибор бермади», деб ўйладилар. Улар йўлбошчи Ишончни: «биз учун кафил бўл», деб кўндиришга ҳаракат қилдилар. Лекин у: «Хиёнаткорлар учун илтимос қилишни бўйнимга олмайман», деб рад қилди. «Шуниси ҳам борки, — деб қўшимча қилди йўлбошчи Ишонч, — Шаҳзодамиз олийжаноб, сизлар биронта чопар орқали Унга яна бир марта мурожаат этишларингиз мумкин, юборилган чопарингиз фақат бўйнига арқон илиб олиб, шафқатдан бошқа нарса тўғрисида сўрамаса бўлди.» Аҳоли қўрқувга тушиб, мактуб юборишни анча орқага сурдилар. Лекин ҳозирги аҳволига хавф кучайишидан қўрқиб, иккинчи марта илтимосларини жўнатишга қарор қилдилар. Бу мактубни Уйғонишсевар[81] деган ҳамюртлари орқали юбормоқчи бўлдилар. У овлоқ жойда истиқомат қиларди. Ҳамюртлари чақиргач, келиб: «Руҳни қутқариш учун ҳамма нарсани ижро этишга тайёрман», деб айтди. Чопар Шаҳзоданинг масканига йўл олди. Етиб боргач, қабул қилинишини сўради. Унинг олдига Эммануилнинг Ўзи чиқди. Чопар уни кўриши биланоқ таъзим қилди ва: «Руҳга раҳм қилинг!» деб мактубни узатди. Шаҳзода илтимосномани ўқиб, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун юзини бурди. Чопар эса Ундан илтимос қилишини қўймади. Шаҳзода таъзим қилиб турган чопарга: «Қайтиб боравер–чи, илтимосингни ўйлаб кўраман», деб жавоб қилди. Ҳамма хавотирланиб, чопарнинг қайтишини кутаётган эди. У: «фақат асир олинган бошлиқлар олдида — қамоқхонада юз берган воқеани айтаман», деди. Ҳамма уни қуршаб олди. Эркин майл бекнинг қўрқувдан ранги оқариб кетди. Солномачи Виждонни титроқ босди. Чопар юз берган воқеани сўзма–сўз айтиб берди. Охирида у деди: «Шаҳзода шунақангги чиройли эканки, юзидан нур ёғиб турибди. Уни кўрган одам ўша зоҳоти Унга нисбатан севгини ҳам, қўрқувни ҳам ҳис қилади. Буни мен ҳам сезиб турибман, лекин жавоби қандай бўлишини айта олмайман.» Шундан кейин йиғилганлар чурқ этмай, эсанкираб, уй–уйларига тарқалишди. Асир тушган бошлиқлар эса, Шаҳзоданинг жавобини муҳокама қила бошладилар. Шаҳар ҳокими Идрок: «Жавоб жуда ҳам афсусланарли эмас», деб ҳисоблаган бўлса, Эркин Майл бек: «Бу ёмон аломат», деб тасдиқлади. Виждон эса «Бу — ўлимга ҳукм қилинишни билдиради», деб айтди. Йиғилишга аҳолидан баъзи кеч қолганлари уларнинг мулоҳазаларини бутунлай бўлмаса ҳам, қисман эшитдилар, тескари талқин қилиб, бошқаларга етказдилар. Ҳамма ўзича тушунди, лекин ҳамма бир хилда ҳақиқатдан узоқ эди. Бутун шаҳар безовта эди. Биттаси «Ҳаммамиз ҳалок бўламиз», деб умидсизликка тушиб, бақирса, бошқаси аксинча «Ҳаммамиз нажот топамиз», деб ҳайқирарди. Учинчиси «Шаҳзоданинг биз билан асло иши бўлмайди», деб айтса, тўртинчиси «Асир тушганлар ҳадемай қатл қилинадилар» деб мулоҳаза билдирдилар. Бу кун узунқулоқ гаплару тортишувлар билан ўтди. Кеч кирди, шаҳар аҳли эртасига эрталабгача умидсиз аҳволда тонг оттирдилар.[82] Бу шов–шув солномачининг гапидан келиб чиқди. У: «Шаҳзоданинг жавобидан ўлим ҳукми англашиляпти», деб хулоса чиқарди. Шаҳар аҳли Виждоннинг гапига ҳурмат билан қарашга ўрганиб қолган эди. Ҳатто бир вақтлар уни башоратгўй, унинг қарорини рад қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашар эди. Энди халқ муртадлик қилганларининг, Шоҳ Ўғлининг хоҳиш–иродасига ноқонуний қаршилик кўрсатганларининг аччиқ оқибатларини ҳис қила бошладилар. Уларни айбдорлик ва қўрқув ҳисси чулғаб олди, кимдир қаттиқроқ қўрқарди. Чунки Руҳнинг асир тушган бошлиқлари ҳаммадан кўра кўпроқ ўз айбларини англаб етган эдилар. Ниҳоят, анча муҳокама қилганларидан кейин, шаҳар бошлиқлари Шаҳзодага учинчи марта мактуб жўнатишга қарор қилдилар. Мактуб мазмуни қуйидагича эди: «Улуғ Эммануил, шафқатга тўлиқ оламнинг Ҳукмдори! Биз, Руҳнинг бахтиқаро, аянчли фуқаролари, Сизнинг порлоқ шафқатингиз олдида тан оламизки, Отангиз олдида, Сизнинг олдингизда гуноҳ қилдик. Биз бундан буён Руҳнинг шафкатли исмига, авф этилишга лойиқ эмасмиз. Агар Сиз бизни қатл қилишни лойиқ кўрсангиз, биз қатл қилинишга лойиқмиз, деб қабул қиламиз. Агар Сиз бизни зулматга улоқтиришни лозим топсангиз, биз бунга ҳам лойиқлигимизни биламиз, Сиз адолат қилган бўласиз. Сизнинг ҳукмингиз қандай бўлишидан қатъий назар, биз шикоят қилишга ҳақли эмасмиз. Лекин Сизга илтижо қиламиз: бизни шафқатингиздан бебаҳра қилманг. Бизни авф этинг, қилган гуноҳларимиздан бизни халос қилинг, токи биз Сизнинг ҳузур–ҳаловатингизни ва шафқатингизни мадҳ қилайлик. Омин.» Шундан кейин «Афв хатини Эммануилга ким олиб боради», деган масалани кўтардилар. Бировлари: «Биринчи мактуб олиб борганни юборайлик», десалар, баъзилари: «Бошқасини жўнатиш керак, чунки биринчи юборганимиз топшириқни муваффақиятли бажара олмади», дедилар. Шаҳарда Олийжаноб Иш[83] деган қария яшарди. Лекин бу исм унга ҳеч ҳам тўғри келмасди, чунки у биронта яхши иш қилмаган эди. Айримлари «Шуни жўнатиш керак», деб таклиф қилдилар. Бунга Виждон қарши чиқди: «Ўзимиз хавф остида қолиб, раҳм–шафқат сўраб турсак–да, исми илтимосимизни йўққа чиқарадиган бировни жўнатсак. Қандай қилиб такасалтанг Олийжаноб Иш афвга кафил бўла олади?! Ахир, Шаҳзода бу мактубни олиб борувчининг исмини сўраб қолса, у «Олийжаноб Иш» деган жавобни эшитади. Эммануил эса: «Олийжаноб Иш тирик экан, Руҳ ўзини–ўзи қутқараверсин», деб айтади–ку. Виждоннинг Олийжаноб Иш номзодига қарши билдирган эътирозига ҳамма бир овоздан: «Яна Уйғонишсеварни жўнатиш керак», деб фикр билдирдилар. Ўша зоҳоти биттасини унга юбордилар. Уйғонишсевар келгандан кейин оқсоқоллардан: «Мен билан бирга Кўзёш ҳам борсин», деб илтимос қилди. Кўзёш истаксеварнинг яқин қўшниси, камбағал, лекин кўнгли тоза, бундай ишларда кўп фойдаси тегиши мумкин эди. Уйғонишсевар бўйнига арқондан қилинган сиртмоқни илди, Кўзёш қўлларини кўкрагига қовуштириб олди. Шу тариқа иккалови Шаҳзоданинг ҳузурига йўл олдилар. Улар Эммануилнинг маконига яқинлашганларида, «Шаҳзода бизни роса шилқим экан–ку булар деб ўйламасмикан», деб саросимага тушиб қолдилар. Шунинг учун иккаласи олдин Ундан кечирим сўрадилар: «Биз Сизни кўп безовта қиляпмиз. Бунинг сабаби – Сизни безор қилиш ёки эзмаликни яхши кўришимиздан эмас, балки Сизга кўп муҳтожлигимиздандир.» Бунга қўшимча қилиб: «Шоҳ Шадайнинг олдида, Сизнинг олдингизда қанчалик гуноҳ қилганимизни эслаб, кечаю кундуз беҳаловатмиз», дедилар. Шундан кейин Уйғонишсевар Шаҳзоданинг оёқлари остига йиқилиб: «Бечора руҳга раҳм қил, уни афв эт!» деб хитоб қилди ва Унга мактубни берди. Эммануил илтимосномани ўқиб, кўз ёшларини яшириш учун ўша зоҳоти бир лаҳза ундан юзини бурди. Кейин ундан «Исминг ким, нимага жамоат сени бу мактубни олиб келиш учун сайлади», деб суриштира бошлади. У шундай жавоб берди: « О, мендай бир кучукнинг исмини сўраб нима қиласиз? Ўзингиз ҳаммасини биласиз. Мен гўё Сизга ёқаман, деб кеккайиб, бу ерга келишга журъат қилмадим. Мен ҳам, ватандошларим ҳам яшашни истаймиз. Мен ўз номимдан ҳамда уларнинг номидан бизга ҳаёт ато этишингизни илтижо қилиб келдим. Бу арзимас қулларингизга илтифотсизлик қилманг, шафқатли қўлларингизни чўзинг.» «Дўстингнинг исми ким?» — деб сўради Эммануил. «Унинг исми — Кўзёш, менинг қўшним, ўзи бечора, дарди кўп қария.» Шунда Кўзёш Шаҳзоданинг олдида мук тушиб, деди: «О, Жаноби олийлари! Менинг отам Пушаймон бўлгани учун, менга шундай деб ном берганлар. Баъзан яхши одамларнинг ҳам ёмон болалари бўлади, кўз ёшларимда ўзимнинг нопокликларим яширинмаган. Янглишганларимни ибодатларимда кўриб турибман. Лекин барибир Сенга илтижо қиламан, — қариянинг кўзларидан ёш оқарди. — Ёшлигимиздаги гуноҳларимизни эслама, қулларинг нолойиқ бўлса ҳам илтифот қил, Ўзингнинг ижодинг бўлган Руҳга раҳм қил, Сенинг раҳм–шафқатингни дуо қилишимизга имкон бер».[84] Шундан кейин иккаласи ўрниларидан туриб, Шаҳзоданинг олдида титрай бошладилар. Лекин Унга қарашга журъат қила олмасдилар. Шаҳзода эса шундай жавоб берди: «Руҳ Отамга қарши исён кўтарди, Отамни ўзининг Шоҳи деб эътироф этмади, ёлғончи қотил, Шадай пучга чиқарган бир қулни шоҳ деб тан олди. Сизлар қудратли ва кучли деб ҳисоблаганни ҳамтовоқлари билан бирга Отам зулматга ҳайдаб юборган эди. У узоқ вақт занжирбанд бўлиб қолди. У сизларга зоҳир бўлди, сизлар эса уни қабул қилдингизлар. Сизлар Менинг элчиларимга қарши жанг қилдингизлар. Улар Отамга, кўп куч жўнатинг, деб илтимос қилишди. Шундан кейин Ўзим уларга ёрдамга келдим. Лекин элчиларимга қандай муносабатда бўлган бўлсангизлар, Менга ҳам шундай қилдингиз. Сизлар Мени эшитишни истамадингизлар, Менга қарши уруш олиб бордингизлар. Лекин Мен ҳар қандай ҳукмронликка эгалигимга ишонмай турганингизда, сизларнинг устингиздан ғалаба қилдим. Чунки бу ҳукмронлик Менга Отам томонидан берилган, сизлар шафқат сўраб илтижо қилмадингизлар. Энди эса ғам–кулфат ичида кўз ёш тўкяпсизлар. Мен оқ байроқни – шафқатни, қизил байроқни — адолатни, қора байроқни — жазони олиб чиқишни буюрдим. Нега ўшанда сукут сақладингизлар? Лекин шунга қарамай, илтимосларингизни қабул қиламан, муҳокама қилиб, Отамнинг шуҳрати ва Ўзимнинг шуҳратим учун жавоб бераман. Йўлбошчилар Воанаргес билан Ишончга айтинглар: эртага асирларни Менинг ҳузуримга олиб келсин. Йўлбошчилар Ҳукм билан Қатлга айтинглар: улар қалъага бориб, шаҳарда тинчликни таъминласинлар.» У шу гапларни айтиб бўлиб, Ўзининг масканига жўнади. Элчилар эса орқаларига қайтиб кетдилар. Йўлда кетаётиб: «Барибир, раҳм–шафқат тўғрисида аниқ жавоб ололмадик», деб муҳокама қилиб кетдилар. Улар шунчалик қайғуга ботган эдиларки, асир тушган бошлиқлар азоб чекиб ётган қалъага аранг етиб келдилар. Улар Эммануил билан бўлиб ўтган суҳбатни айнан етказдилар. Асирлар тўғрисидаги буйруқни айтганларида, асирлар дод–вой қилдилар. Ҳар бири ўлимни бўйнига олиб қўйди. Бутун шаҳар қанор кийиб, бошига кул сочди. Тун шу тариқа ўтди. Тонг отгач, асирларни Эммануил ҳузурига олиб кетдилар. Воанаргес — асирларнинг олдида, Ишонч орқада борарди. Икковининг ўртасида бўйниларида арқон билан[85] асирлар борарди. Асирлар кўкрагига уриб, осмонга қарашга журъат қилолмай, «Эҳ бечора Руҳ!» деб қаттиқ хитоб қилиб борадилар. Занжирларнинг шақир–шуқури уларнинг оҳ–воҳлари билан қоришиб, ҳавони шикоят овозларига тўлдириб юборган эди. Асирлар Шаҳзоданинг маконига етиб борганларидан кейин, Унинг оёқлари остига ўзларини ташладилар. Кимдир: «Асирлар олиб келинди», деб хабар бергани кетди. Эммануил зоҳир бўлиб, Ўз тахтига ўтирди ва »Бахтиқароларни чақиринглар!» деб буйруқ берди. Улар яқинлашиб, яна Унинг оёқлари остига ўзларини ташладилар, титраб, уятдан қўллари билан юзларини беркитиб олдилар[86]. Шаҳзода Воанаргесга бурилиб, деди: — Уларга буюр, тик туришсин. Улар, вужуди қалтираб, ўринларидан туришди. — Иблис томонидан булғанишга ижозат берганлар сизларми? — деб сўради У асирлардан. — Ижозат бергандан ҳам кўпроқ, Раббий, биз уни ўз хоҳишимиз билан сайладик. — Унинг зулми остида яшаб хурсанд бўлдингизларми? — Ҳа, Раббий! Чунки унинг қонунлари танамизга хуш ёқарди. Бошқа ҳаёт тарзи бизга бегона бўлиб қолган эди. — Сизларни Иблисдан қутқариш учун келганимда, наҳотки сизлар Менинг мағлуб бўлишимни чин кўнгилдан истаган бўлсаларингиз?! — Афсуски, истаган эдик, — деб жавоб беришди улар. — Мана шундай муртадлигингиз ва бошқа жиноятларингиз учун қандай жазога лойиқсизлар? — Ўлимга ва зулматга, Раббий. Биз ҳамма жазога лойиқмиз. — Мен авф этишим учун биронта сабаб йўқми? — Ҳеч ҳам йўқ, Раббий! Сиз адолатлисиз, биз гуноҳкормиз! — Нимага бўйинларингизга арқон осиб олибсизлар? — Агар бизга марҳамат қилиб, афв этмасангиз, бизни боғлаб, қатл қилинадиган жойга олиб боришлари учун. — Ҳаммангизнинг фикрингиз бирми? — сўради яна Эммануил. — Ҳа, Раббий. Ўзимизга келсак, биз Руҳ шаҳрининг туб аҳолисимиз. Лекин бизнинг шаҳарда Иблис тарафдорлари ўрнашиб олишган, улар учун биз жавоб бермаймиз. Шундан кейин Шаҳзода Эммануил жарчини чақиртириб буюрди: «Карнайингни чалиб, шундай деб эълон қил: Шоҳ Шадайнинг ўғли Шаҳзода Отасининг исми билан ва Ўзининг шуҳрати ҳаққи–ҳурмати учун ғалаба қилди ва Руҳни тамомила итоат эттирди. Унинг ортидан асирлар эргашиши ва ҳар бир тантанали хабардан кейин «Омин» деб айтишлари шарт.» Қандай айтилган бўлса, шундай ижро этилди. Шу лаҳзада самодан ғаройиб мусиқа янгради. Қароргоҳдаги лашкар хурсандчилик хитоблари ва тантанали қўшиқлар билан Шаҳзодани мадҳ қилдилар. Байроқлар ҳилпиради, фақат шаҳар аҳлининг қалбидан ташқари, ҳамма жойда шодлик ҳукмрон бўлди. Шундан кейин Шаҳзода асирларни чақирди ва «Менинг олдимга туринглар!» деб буюрди. Улар титраб–қақшаб бўйсундилар. Шаҳзода уларга мурожаат этди: «Отамнинг хоҳиш– иродасига хилоф равишда Руҳ қилган жиноятларни, шаккокликларни, Отам Менга берган ҳукмронлик бўйича кечираман ва озод қиламан. Шунинг учун сизлар қилган ҳамма ёмонликлар ҳозирдан бошлаб кечирилади.» У шундай деб, еттита муҳр босилган ўрама қоғозни тақдим қилди ва шаҳар хокими Идрокка, Эркин Майл бекка ва солномачи Виждонга шундай буйруқ берди: «Бу хабарни бутун шаҳарга эълон қилинглар, қуёш чиққандан бошлаб, эртаси кун эрталабгача эълон қилинглар.» Бундан ташқари, Шаҳзода уларнинг эгнидаги қанорни оқ либосларга, бошидаги кулни — зеб–зийнатга алмаштирди, уларга шодлик мойини суртди, умидсизлик руҳи ўрнига ҳамду сано руҳини берди. (Ишаё 61:3) Шундан сўнг учаласи Шаҳзодадан олтин ва қимматбаҳо тошлардан қилинган зебу зийнатлар олдилар. Шаҳзода уларнинг бўйинларидаги арқонларни ечиб, олтин занжирлар осди. Асирлар Шаҳзоданинг меҳрибон сўзларини эшитганларида ва Унинг ҳадяларини кўрганларида, ҳушларидан кетишларига сал қолди. Чунки Унинг марҳамати шунчалик буюк, шунчалик кутилмаган бўлдики, асирлар довдираб қолдилар[87]. Эркин Майл бек бардош бера олмай, ҳушидан кетиб йиқилди. Лекин Эммануил унга ёрдамга шошилди, унга қучоғини очди. Унга оламнинг бўсасидан берди, «Руҳан бардам бўл, тинчлан, ҳамма ваъдаларим бажо бўлади», деб тасалли берди. У шундай бўсадан иккала ўртоғига ҳам берди ва майин табассум билан деди: «Бу нарсаларни сизларга бўлган севгим, раҳм–шафқатим белгиси сифатида қабул қилинглар. Сенга эса, Виждон, бу юз берган воқеалар тўғрисида Руҳни хабардор қилишингни талаб қиламан.» Кишанлар ҳам парча–парча қилиниб, уларнинг кўз олдида ҳавога улоқтирилди. Уларнинг одимлари озод ва эркин бўлди[88]. Улар ўша он Эммануилнинг оёқлари остига йиқилиб, Унинг оёқларини ўпди ва кўз ёшларини оқизиб, баланд овозда: «Раббимизнинг шуҳрати Ўз жойида марҳаматлансин!» (Йиз. 3:12) деб хитоб қилдилар. Шундан кейин Шаҳзода уларга: «Туринглар ўринларингиздан, шаҳарга қайтиб боринглар, кўрганларингизни, бошларингиздан кечирганларингизни аҳолига айтиб беринглар», деб буюрди. Шаҳзода Ўзининг хизматкорларидан бирига: «Йўл бўйи шаҳарга боргунча най, тамбур чалиб, уларнинг олдида бор», деб буюрди. Шундай қилиб, Руҳ шаҳри аҳолиси ҳеч қачон орзу қилмаган нарсалар юз берди. Бирдан улар ўзлари журъат қилмаган ва умид қилмаган нарсаларга эга бўлиб қолдилар. Шаҳзода йўлбошчи Ишончга буюрди: «Ҳилпираган байроқлар олдида бор, солномачи шаҳар аҳлига ғаройиб воқеаларни ҳикоя қилиб бераётганда, сен иштирок этгин. Кейин ҳамма байроқларни Кўз дарвозасидан олиб ўтиб, Мен қалъага бориб ўрнашгунимча, қалъани эгаллаб тур.» Эммануил яна Ишончга: «Бу хабарни Ҳукм билан Қатлга ҳам етказ, улар зудлик билан шаҳардан чиқиб, қароргоҳга қайтсин», деб қўшиб қўйди. Шундай қилиб, Руҳ олдинги тўртта лашкарбоши ва уларнинг лашкари пайдо қилган қўрқув ҳиссидан халос бўлди. IX Боб Озод бўлган асирлар шаҳарга қайтадилар ва улар катта хурсандчилик билан кутиб олинадилар. — Шаҳар аҳолиси Эммануилдан, Руҳга ўрнашинг, деб илтимос қиладилар. — Эммануил рози бўлади. — Шоҳ Ўғлининг тантанали сафари. — Шаҳар қайтадан қурилади, Шадайнинг тасвири олдинги жойига ўрнатилади. Юқоридаги воқеалар юз бериб, асирлар ҳали етиб келмаган эди. Шаҳар аҳли ўзларининг келажакдаги тақдиридан бехабар бўлиб, ҳамон умидсиз ҳолатда эдилар. Хаёллари гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга кетаверди, ҳиссиётлари эса тамомила зиддиятли эди. Ниҳоят, ҳеч бўлмаса, узоқдан бир қарайлик–чи, деб ҳаракат қилган эдилар, девор тепасидан уларга уфқдан айтарли бирор нарса кўринмади. Уларнинг кўз олдини қўрқув, умид ва интизорлик қоплаб олди. Бир пайт ўзларига таниш қиёфалар аниқроқ кўрина бошлади… Бу қанақаси бўлди?! Улар қанақасига янги, номаълум қиёфада? Ахир уларнинг вакиллари қора либосларда кетган эдилар–ку! Энди эса қордай оппоқ либосларда қайтиб келяптилар! Улар бўйниларида арқон билан кетган эдилар: энди эса бўйинларида олтин занжирлар! Оёқларига кишан урилган эди, эни қадамлари эркин, дадил одим отяптилар! Улар тунд аҳволда кетган эдилар, энди эса юзларида табассум! Руҳан умидсиз аҳволда кетган эдилар, энди эса найу тамбур садолари остида қайтиб келяптилар! Кўз дарвозаси олдида фақат аҳоли тўпланиб, ақлга сиғмайдиган бу ўзгаришни томоша қилиб турардилар. Улар нимжонликларига қарамай, бутун кучларини тўплаб, хурсанчиликдан шундай қаттиқ бақирдиларки, Эммануилнинг бутун қароргоҳи ларзага келди. Одамлар бу бечора дўстларини аллақачон ўлганга чиқариб қўйган эдилар, улар эса тирик экан, аллақандай хурсандчиликдан кўзлари порлаб турибди! Одамлар улар учун ойболта ва дорни кутган эдилар, ана, юзларида шодлик, тасалли барқ уриб турибди! Ажойиб мусиқа уларга ҳамроҳ! Қувноқ тантанали маросим шаҳар дарвозасига етиб келганда, икки томонлама табрик эшитилди: «Шодланинг, шодланинг!», «Бизни Афв этган рағбат топсин!» Лекин шаҳар аҳли: «Кўриб турибмиз, сизларга яхши, лекин шаҳарнинг ҳоли нима кечади? Руҳга хурсандчилик бўладими?» деб сўради қайтиб келганлардан. Солномачи билан шаҳар ҳокими: «Бўлмасам–чи, хушхабар! Хушхабар! Бечора Руҳга ҳам ғаройиб хушхабар, бениҳоя хурсандчилик!» деб жавоб бердилар. Шунда халқ бирданига шодликдан шундай бақирдики, ер ларзага келди. Шундан сўнг аҳоли юз берган воқеаларни ипидан–игнасигача сўраб–суриштирдилар, «Эммануил бизга нимани айтишни сизларга буюрди?« деб сўрай бошладилар. Ҳаммаси аниқ–тиниқ етказилди, ҳамма Шоҳ Ўғлининг донишмандлигидан ва эзгулик тарафдори эканидан ҳайратга тушдилар. Қайтиб келган бошлиқлар халққа: «Шоҳ Ўғли шаҳар аҳлига мана бу нарсаларни берди», деб кўрсатдилар. Солномачи эса: «Руҳ кечирилди, кечирилди! Эртага билиб олади», деб эълон қилди. У яна: «Эртага бутун шаҳар аҳолиси бозор майдонига тўплансин, тамомила афв этилганлари тўғрисидаги хабарни эшитадилар», деб хабар қилди. Шаҳар аҳли шу қадар хурсанд эдики, тасвирлашга қалам ожизлик қиларди! Улар хурсандчиликдан ухлай олмадилар. Улар ҳамду сано қўшиқларини айтиб, ўйинга тушиб, карнай чалишиб, шундай деб айтишарди: «Қайси биримиз бундай ҳузур–ҳаловатни кутган эдик?! Ўзларининг оёқларига кишан урилишига ўзлари сабаб бўлган бошлиқларимиз ёнимиздан кетаётганларида, ким ҳам уларни яна қайтиб олтин занжирлару оқ либосларда кўраман, деб ўйлаган эди?! Улар айбдор бўлмаганлари учун эмас, балки Шаҳзоданинг марҳамати туфайли бу воқеалар юз берди. Шаҳзода уларнинг жиноятларини кечириб, найу тамбур садолари остида орқага қайтарди. Фақат олийжаноб Шоҳ Шадай билан Унинг Ўғли Эммануилгина шундай қилиши мумкин!»[89] Тонг отиб, бошлиқлар белгиланган вақтда бозор майдонига келганларида, бутун халқ тўпланган эди. Солномачи, Идрок бек ва Эркин Майл бек ҳадяга олган шоҳона либосларини кийиб олган, шундай кўзни қамаштирардиларки, гўё улар бутун шаҳарни ёритиб турардилар. Бошлиқлар Нутқ дарвозасига қараб йўл олдилар. Оқсоқоллар асрлар давомида шу ерда туриб халққа мурожаат қилардилар. Ҳамма хушхабарни эшитишни кутиб бетоқатланар эди. Солномачи ўрнидан туриб: «Тинчланинглар!» деб ишора қилди. Сўнгра баланд овоз била умумий авф тўғрисидаги хабарни ўқиб эшиттирди. У: «Раббий, Раббий! У раҳмдил ва меҳрибон, сабрли ва севгида содиқ. Мингинчи наслларгача шафқатини кўрсатади. Айбларни, жиноятни ва гуноҳларни кечиради»(Чиқиш 3:27,28), «Одам болаларининг қилган барча гуноҳлари ва айтган барча куфрликлари кечирилади» (Марк 3:28) деган сўзларни ўқиганда, одамлар бир жойда тура олмасдан, шодликдан сакрай бошладилар. Бу ўринда шуни айтиш керакки, уларнинг ҳар бирининг номи бирма–бир айтилди, афв муҳри тантанали равишда кўрсатилди. Эммануил хабарни ўқиб бўлгач, одамлар девор олдига югуриб келишди, девор устига чиқишиб, ўйинга тушишди. «Эммануил тоабад яшасин!» деб ҳайқиришди. Ёш йигитларга: «Қўнғироқ чалинглар!» деб буйруқ берилди. Одамлар ўзида йўқ хурсанд эдилар, қўнғироқлар жаранглади, ҳамма ёқда мусиқа янгради, шаҳарнинг тўрт томонида мусиқа эшитиларди. Шаҳзода афв этилган асирларни шаҳарга қайтариб юборгандан кейин, У Ўз йўлбошчиларига ва бутун лашкарига: «Кейинги кун эрталаб Менинг навбатдаги амрларимни бажаришга тайёр бўлиб туринглар!» деб буюрган эди. Солномачи шаҳарда авф тўғрисидаги хабарни ўқиб бўлиши биланоқ Шаҳзоданинг амрига кўра, байроқлар кўтарилиб, бир қисми Шафқат тоғига, бир қисми Адолат тоғига ўрнатилиши керак эди. Йўлбошчиларга: «Шаҳар олдида бошдан–оёқ кийинган ҳолда туринглар», деган буйруқ, лашкарга: «Буюк хушхабарни эълон қилиб, баланд овозда хитоб қилинглар», деган буйруқ берилган эди. Йўлбошчи Ишонч ҳам бу улуғ кунда четда қолмади: у қалъанинг энг баланд жойига чиқиб, бутун шаҳарга ва Шаҳзода Эммануилнинг қароргоҳига ўзини кўрсатиб турди. Мана шу тариқа Эммаунил Руҳни Иблиснинг зулмидан қутқарди. Шундан кейин Шаҳзода ўз лашкарининг ҳарбий тайёргарлигини одамларга кўрсатишни истади. Жамики халқ Шоҳ лашкарининг тез, чаққон ҳаракат қилишларини ҳайрат билан кузатиб турди. Улар гоҳ олдинга, гоҳ орқага, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга юрдилар, бўлиниб, яна кичик гуруҳларга бўлинардилар. Бир қанотни очиб, иккинчи томонни беркитардилар. Кейин яна бирлашардилар. Уларнинг ҳар бир ҳаракати олдиндан ўйланган эди. Тез ўқ отишни эпчиллик билан бажарардилар. Улар мўлжални шундай аниқ олиб, аъло даражада отардиларки, бутун шаҳар тасвирлаб бўлмайдиган даражада шодликка тўлди. Бу намойиш тугагандан кейин, бутун шаҳар аҳли Шаҳзодани кутиб олишга чиқди. Унга миннатдорчилик билдириб, мақтов ёғдирдилар. «Бутун лашкарингиз билан бизнинг шаҳримизга киринг, шу ерда ўрнашинг», деб илтимос қилдилар. Халқ ғоятда итоаткорлик билан, Унга етти марта таъзим қилдилар. Шаҳзода уларга «Омон бўлинглар!» деб жавоб берди. Ҳар бир одам Унга яқинлашиб, Унинг олтин ҳассасига қўлларини тегизиб айтарди: « Шаҳзода Эммануил Ўз йўлбошчилари ва лашкари билан Руҳда тоабад ўрнашсин. У Руҳ шаҳрида Ўз шуҳрати ва шаҳарнинг ҳимояси учун ҳукмронлигини ўрнатсин. Кел, Руҳга кириб ўрнашгин, бу ерда тоабад ҳукмрон бўлгин! Чунки бу жой Сеникидир, Сенинг лашкарингникидир, Сенинг қурол–аслаҳанг учундир[90]. Биз Сенинг қулларинг бўламиз, Сенинг қонунларинг бўйича яшаймиз! Агар Сен бизни тарк этсанг, ўша зоҳоти ўламиз. Қолаверса, шаҳарда бир қанча Иблис тарафдорлари яшириниб юргани бизга маълум. Улар албатта бизни ўзларининг бекига тутиб берадилар. Биз эса яна Иблиснинг ҳукмронлиги остида қоламиз. Шунинг учун Сендан илтимос қиламиз: бизнинг қалъада ўрнашгин.» Шаҳзода эса уларга шундай деди: «Агар сизларнинг олдингизга келсам, Менинг қалбимга қарши бўлиб кўринганларини сизларнинг фойдангиз учун бемалол қувиб юборишимга имкон берасизларми? Сизлар бу борада менга чин кўнгилдан, садоқат билан ёрдам берасизларми?» Халқ шундай жавоб берди: «Қачонлардир Шоҳимиз Шадайга хиёнат қиламиз деб хаёлимизга ҳам келтирмаганимиздай, нима қилишимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Раббимизга нима деб ҳам жавоб берардик. Ўзи нажот берганларнинг сўзларига берилиб ишонмасин, Шоҳ Ўғли қалъамизга ўрнашиб, аҳолидан Ўзига лашкар ташкил қилсин. Сенинг йўлбошчиларинг ва лашкарларинг бизни бошқарсин. Сен эса Ўз меҳринг, севгинг билан, авф тўғрисидаги хабарни ўқиб эшиттирган кундагидай, бизни бутунлай итоат эттиргин. Эй Шоҳимиз! Биз Сенинг донишмандлигингни туб–тубигача билишга қодир эмасмиз. Шунча аччиқ синовлардан кейин бунчалик ҳузур–ҳаловатни татиб кўрамиз, деб қайси биримиз олдиндан кўрибмиз?! Қайси биримизнинг ақлимизга келибди?! Эй Раббий! Олдин нуринг пайдо бўлсин, унинг ортидан севгинг зоҳир бўлсин! Бизни қўлимиздан ушлаб етакла, биз Сенинг хоҳишинг бўйича борамиз. Бизга нима бўлса, ҳаммаси бизнинг фойдамиз учундир. Буни унутишимизга йўл қўйма! Бизнинг Руҳимизда макон қил, Ўзингга маъқул бўлганини ярат. Фақат Сен Ўз иштирокинг билан бизни гуноҳдан сақлайсан, Ўзингнинг садоқатли хизматкорларинг бўлишга бизни ўргатасан».[91] Шаҳзода одамларга шундай деб жавоб берди: «Яхши боринглар. Мен сизларнинг илтимосингизни бажараман. Эртага барча кучларимни тўплаб, Кўз дарвозасига бораман. Дарвоза орқали шаҳарга кириб, сизларнинг қалъангизда ўрнашаман. Сизларнинг устингиздан Ўзимнинг лашкарларимни қўяман. Руҳда эса осмон остида ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайдиган нарсани яратаман.» Одамлар шафқатли Шаҳзоданинг сўзларини шод бўлиб ҳайқириб кутиб олдилар. Кейин уйларига қайтиб, бу ажойиб хабарни қариндош–уруғларига, дўстларига етказдилар. Сўнг улар боғларига бориб, кўп гул узиб олдилар ва Кўз дарвозасидан қалъагача Эммануилнинг йўлига сочдилар. Одамлар яна гулчамбарлар тўқиб, уйларни, кўчаларни безадилар, Шоҳ Ўғлини имкон қадар тантана билан кутиб олиш учун мусиқа ёздилар. Эртаси кун эрталаб Эммаунил Ўз лашкари билан Кўз дарвозасига йўл олди. Дарвоза Унга очилди ва У шаҳарга кирди. Уни биринчи бўлиб, Ўзининг йўлбошчилари ва оқсоқоллар кутиб олдилар. Шаҳзода шоҳлик либосини кийиб олган, олтин қурол–аслаҳалар тақиб олган, Шоҳнинг извошида борарди. Карнай овозлари жўр бўлиб, байроқлар ҳилпираб турарди. Одамлар Шаҳзодани яхшироқ томоша қилиш учун шаҳар деворига тирмашиб чиқиб олган эдилар. Одамлар ўзларига ваъда қилинган бой инъом–эҳсонларни кўриш учун деразаларга, айвонларга, уйларнинг томларига чиқиб олган эдилар. Шаҳзода солномачининг уйига етиб боргач, йўлбошчи Ишончга: «Солномачидан сўра–чи, Менга қалъани тайёрлаб қўйганмикан», деб уни юборди. Жавоб ижобий бўлди, йўлбошчи ҳам ўзининг лашкарлари билан Шаҳзодани кутиб олишга чиқди. Эммануил бу кечани Ўзининг ҳарбий кучлари билан шаҳарнинг шодлиги ичида қалъада ўтказди. Эртаси куни эрталаб одамлар: «Қандай қилиб лашкарни бемалол жойлаштирсак экан», деб ўзаро муҳокама қила бошладилар. Улар Шаҳзоданинг ва Унинг йўлбошчиларининг қалби олийжаноб эканини тушуниб етдилар ва шунинг учун, уларга нима қилсак ёқарканмиз, деб ўйланардилар. Уларга қўлларидан келганча хизмат қилишга ҳаракат этардилар. Ниҳоят, кўп мулоҳазалардан кейин: «Уларни қуйидагича жойлаштириш керак», деган хулосага келдилар: 1. Йўлбошчи Бенуқсонни Ақл билан бирга жойлаштириш. 2. Йўлбошчи Сабрни — Мулоҳаза билан. Муртадлик пайтида Мулоҳаза Эркин Майл бекнинг хат ташувчиси эди. 3. Йўлбошчи Севгини Қўрқувнинг маконига жойлаштириш. 4. Йўлбошчи Эзгу Умидни — шаҳар ҳокими Идрок билан бирга жойлаштириш. Қалъанинг ёнида яшайдиган солномачи Виждон Шаҳзодадан: «Биринчи хавф пайдо бўлганда, бонг урасан», деб топшириқ олган эди. Виждоннинг ўзи икки йўлбошчини — Воанаргес билан Ишончни бутун лашкарлари билан сўраб олди. 5. Йўлбошчилар Ҳукм билан Қатлни Эркин Майл бек ўзиникида жойлаштирди. Чунки Эркин Майл бекнинг вазифаси — Шаҳзоданинг назорати остида Руҳнинг ҳузур–ҳаловати учун шаҳарни бошқариш эди. Илгари у Иблиснинг кўрсатмаси бўйича Руҳнинг зарарига бу вазифани бажарган эди (Рим. 6:19). Оқсоқоллар ва жамики халқ Шаҳзодани тўйгунча томоша қилолмадилар. Шунинг учун Унга ёлвориб дедилар: «Гарчи Сизнинг доимий маконингиз қалъа бўлса ҳам, кўчамизга, масканларимизга ташриф буюриб, бизга тез–тез кўриниб туринг. Чунки Сизнинг ҳозир бўлишингиз, назарингиз, каломингиз ва бизни манзур кўришингиз — бизнинг ҳаётимиз, куч–қудратимиз ва қўриқчимиздир.» Бундан ташқари, улар Шаҳзодага: «Сизнинг ҳаётингиз тарзини, истеҳкомингизни ва шоҳона манзилингизни ўрганишимиз учун ҳузурингизга боришимизга ижозат беринг», деб илтимос қилдилар. Шунинг учун Шаҳзода: «Менинг ҳузуримга келадиган дарвоза доимо очиқ бўлсин», деб амр қилди. У гапирганда, тингловчилар Унинг биронта ҳам сўзини назардан қочирмаслик учун, тамомила сукут сақлардилар. У чиққанда, Унинг одимларидан ибрат олишга ҳаракат этиб, орқасидан эргашардилар. Бир куни Эммануил Руҳ шаҳри аҳолисига катта зиёфат берди. Ҳамма зиёфатга таклифнома олди. Эммануил уларни шундай ғаройиб таом[92] билан меҳмон қилдики, бунақасини бутун оламда топиб бўлмас эди. Чунки У бу таомни Отасининг кўшкидан олган эди. Бир таомдан кейин иккинчиси келтирилар, ҳаммага таомдан хоҳлаганича лаззатланишга ижозат берилган эди. Янги таом келтирилганда, меҳмонларнинг ҳар бири ёнидагидан «Бу нима?» деб сўрарди (Чиқиш 16:15) . Чунки улар ҳеч қачон бунақасини кўрмаган эдилар. Улар майга айлантирилган сувдан ҳам ичиб, кўнгилларини чоғ қилишди. Бутун зиёфат давомида мусиқа янграб турди. Одамлар фаришталар таомини тановул қилдилар. Уларга қоядан олинган асал ҳам улашилди. Шундай қилиб, Руҳ аҳли тўйгунча шоҳона таомдан тановул қилди (Забур 77:34,25). Fаройиб мусиқа билан оммага роҳат бахш этган мусиқачилар ҳам Шоҳ саройидан эдилар. Зиёфат охирида Эммануил меҳмонларини «Сирлар китоби»дан олинган қизиқарли топишмоқлар[93] билан кўнглини олди. Бу китобни Отасининг Бош вазири ёзган эди. Бунақа китоб оламда йўқ. Бу топишмоқлар Шоҳнинг Ўзиники ва Унинг Ўғли Эммануилники бўлиб, Руҳ шаҳрини қутқариш учун Уларнинг курашига, кўрсатган буюк қаҳрамонликларига бағишланган эди. Эммануилнинг Ўзи топишмоқларнинг баъзиларини шарҳлаб берди. Меҳмонлар бундан ҳайратга тушдилар. Ажойиб нур уларнинг ақлини ёритди. Улар ҳеч қачон кўрмаганларини кўрдилар. Ҳатто «Бундай оз сўзларда қанча ажойиб ҳикматлар ўз ифодасини топар экан–а», деб тасаввур ҳам қилолмасдилар. Бирдан топишмоқларнинг баъзи жойлари Эммануилнинг шахсига алоқадор эканини тушуниб қолдилар. Бундай пайтда Шаҳзоданинг қиёфасига разм солиб қараб, хурсанд бўлганларидан ҳайқиришдан ўзларини тия олмадилар. «У Қўзидир! Ана Қоя! У Эшикдир! Ана Йўл!» Яна кўп хитоблар янгради. Шундан кейин Эммануил меҳмонларга ижозат берди. Лекин уларнинг шодлигини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Улар кўрганларидан ҳайратланиб, бахтиёрликдан ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Шоҳ Ўғли уларга нима айтганини, нималарни намоён қилганини муҳокама қилишарди. Уйларига қайтганларидан кейин, Шоҳ Ўғлига миннатдорчилик билдириб, ҳамду сано ўқиб, ярим кеча бўлиб қолганига қарамай, Унинг ишларини мадҳ қилдилар. Шу орада Эммануилнинг ақлига: «Шаҳарни қайтадан қуриш керак, токи шаҳар Менинг дидим бўйича бўлсин, шу билан бирга хавф–хатардан холи бўлсин», деган фикр келди. Шаҳзода шаҳарни ички ғалаёнлардан ва ташқи душман ҳужумидан ҳимоя қилишни истарди, чунки Руҳ Унга жуда азиз эди. Эммануил аввало, «Шоҳдан келтирилган палахмонларнинг баъзилари қалъа деворларига, бошқалари минораларга қўйилсин», деб амр берди. У шаҳарга минора ҳам қурдирган эди. Эммануилнинг Ўзи кашф қилган бир қурол ҳам бор эди[94]. Бу қурол қалъадан Нутқ дарвозаси орқали тош ирғитарди. Ҳеч нарса бу қуролга бас кела олмасди. Бу қурол ишга тушганда, тошлар доимо мўлжалга тегарди. Бу асбобга ҳали ном берилмаган, чунки бунга ўхшагани ҳали бўлмаган эди. Бу қурол йўлбошчи Ишончнинг ихтиёрига топширилган эди. Агар яна уруш бошланиб қолгудек бўлса, Ишонч бу қуролни ишга солиши керак эди. Шундан кейин Эммаунил Эркин Майл бекни ҳузурига чорлади ва ҳамма дарвозаларни, шаҳар девори ва минораларни қўриқлашни унга топширди. Шаҳзода унинг ихтиёрига миршабларни ва агарда халқ ғалаён қилиб қолса ёки исён кўтариб қолса, бостириш ҳуқуқини ҳам берди. Бундан ташқари, унга шаҳарда яшириниб юрган Иблис тарафдорларини қамаш буюрилди. Иблис тарафдорлари охир–оқибат халқ ҳукмига берилиши керак эди. Сўнгра Эммануил шаҳар ҳокими Идрок бекни чақирди ва унга: «Бутун умринг давомида ўз вазифангни бажарасан», деб амр берди. Унга Кўз дарвозаси ёнида бино қуриш топширилди. Лозим бўлиб қолганда, бу бино қалъанинг ўрнини босиши керак эди. Идрок ўз вазифасини бажаришни ўрганиши учун, унга «Сирлар ваҳийси»ни ҳар куни ўқиш буюрилди. Эммануил жаноб Билимни солномачи қилиб тайинлади. Виждон бошқаларга қараганда кўпроқ айбдор бўлгани учун эмас, балки Шаҳзода қария Виждонга бошқа вазифани таклиф қилмоқчи эди. Қария бу тўғрида кейинроқ билиб олиши керак эди. Кейин Эммануил: «Иблиснинг тасвири олиб ташлансин, майдалаб туюлсин, шаҳар девори ташқарисига олиб чиқилиб, шамолга совурилсин», деб амр берди. Отаси Шоҳ Шадайнинг тасвирини олдинги жойига қўйишни буюрди. Бу ишларни имкон қадар пухта бажаришни талаб қилди. Чунки Ота ва Ўғил Руҳга беҳад кўп меҳрибонлик кўрсатган эдилар. Шаҳзода Ўзининг исмини шаҳарнинг олд томонига ўйиб туширишни ва соф олтин билан ҳаллашни буюрди. X Боб Умидсиз, Эркин Майл, Шаҳватпараст ва иблиснинг бошқа тарафдорлари ҳибсга олинади. — Иблиснинг истеҳкоми бузилади. — Иблислар сўроқ қилиниб, ҳукм ўқилади ва қатл қилинади. Шаҳарда ўрин алмашишлар ва ўзгаришлар тамом бўлгандан кейин, Эммануил Иблис тарафдорларидан учтасини, хусусан, шаҳарнинг олдинги ҳокими Умидсизни, Шаҳватпарастни ва собиқ солномачи Эзгуликни унутганни қамашга фармон берди. Булардан ташқари, Иблис тайинлаган бошқа оқсоқолларни Эркин Майл бекнинг қўлига топширди. Эркин Майл бек уларни зиндонга ташлади. Улар — Худосиз, Тошюрак, Ёлғон Дунё, Ҳақиқат Душмани, Шафқатсиз, Такаббур ва бошқалар эдилар. Уларнинг ҳаммалари турмага ўтқазилди. Қамоқхона бошлиғи этиб Садоқат тайинланди. Уни Эммануил Отасининг хизматкорлари орасидан танлаб олган эди. Ниҳоят, Шаҳзода Иблис ўрнатган учала қалъани ҳам пойдеворигача бузишни[95] буюрди. Лекин бу ишни бажаришга кўп вақт кетди, чунки бу иншоотлар жуда катта эди. Тошлар, қоришма ва темирларни шаҳар девори ташқарисига олиб чиқиб ташлаш буюрилди. Юқорида айтилганлар бажариб бўлингач, Шаҳзода шаҳар ҳокимига ва оқсоқолларга: «Суд маслаҳатчиларининг очиқ суди чақирилсин ва қамоқхона бошлиғи Садоқатнинг назорати остида сақланаётган Иблис тарафдорларини ҳукм қилиш масаласи қўйилсин», деб амр берди. Суд маслаҳатчилари йиғилишгач, Садоқатга: «Айбдорлар олиб чиқилсин ва айбдорлар курсисига ўтқазилсин», деб буйруқ берилди. Маҳбуслар ўша даврнинг одати бўйича, бир–бирига боғланиб, иккита–иккитадан киритилди. Шаҳар ҳокими, солномачи ва бошқа ҳурматли кишилар ҳамда суд маслаҳатчилари жойларини эгаллашгач, гувоҳлар қасамёд қилиш учун чақирилдилар. Ишончли, Соф Юрак, Очиқ Кўнгил, Ёвузлик Душмани, Худосевар, Ҳақ, Туйғуси баланд, Мўътадил, Миннатдор, Диёнат, Итоаткор, Диний Аланга суд маслаҳатчилари эдилар. Гувоҳ сифатида Билимдон, Ҳақиқат Лаблари, Ёлғон Душмани ва Эркин Майл бекнинг ўзи, керак бўлиб қолганда, Эркин Майл бекнинг хат ташувчиси чиқдилар. Бош ҳакам жаноб Адолат баланд овоз билан: «Қамоқхона бошлиғи! Худосизни панжарага олиб кел!» деди. Судланувчи келгач, ҳакам унга деди: «Худосиз, қўлингни кўтар. Сен Атеизм[96] деган ном билан отнинг қашқасидек маълумсан. Сен бизнинг орамизга рухсатсиз ва маккорлик билан кириб, одамларга беъмани нарсаларни ўргатдинг. Уларни «Худо йўқ, шунинг учун динга ишонишнинг нима кераги бор», деб ишонтирдинг. Сен Шоҳимизнинг шуҳратини ерга уришга ҳаракат қилдинг. Унга қарши иш олиб бординг, шаҳарда тинчликни, роҳатни буздинг. Энди қандай жавоб берасан? Ўзингни айбдор деб ҳисоблайсанми ёки йўқми?» Худосиз: Айбдорман. Ҳакам: Гувоҳлар Билимдонни, Ҳақиқат Лабларини ва Ёлғон Душманини чақиринглар. Гувоҳлар келдилар. Ҳакам: Сизлар Шоҳимиз томондан гувоҳсизлар. Мана бу судланувчига қаранглар, уни танийсизларми? Билимдон: Ҳа, биламан уни. Унинг исми — Худосиз, Атеизм ҳам дейишади. Бу ярамас махлуқ нечи йилдан буён бечора Руҳникида яшайди. Ҳакам: Уни чиндан ҳам танийсизларми? Билимдон: Албатта, биламан. Илгари кўпинча уларнинг жамиятида бўлиб турардим. У Иблис тарафдорининг ўғли, ўзи ҳам иблис. Ҳакам: Унинг айби нимада эканини эшитганмисизлар? Нима дейсиз, Шоҳнинг гувоҳи, у айбдорми ёки йўқми? Билимдон: Бир куни мен у билан бурчакдаги Синиқда бўлган эдим. У кўп нарсалар тўғрисида айтди. Ўз қулоғим билан шу гапларни эшитганман. У айтдики: «Имоним комилки, Худо йўқ, мабодо диний жамоатлар орасига тушиб қолсам ва вазият мендан тақозо қилиб қолса, Худо бор деб айтаман, лозим бўлиб қолганда, ўзимни тақводор одам қилиб кўрсата оламан.» Ҳакам: Сиз ўзингиз шу гапларни эшитдингизми? Билимдон: Сўзларим ҳақлигига қасам ичаман. Ҳакам: Ҳақиқат Лаблари! Мана бу судланувчи тўғрисида нима дейсиз? Ҳақиқат Лаблари: Олдинги йиллари унинг яқин дўсти эдим. Энди афсус қиляпман. Унинг сурбетларча айтган: «Худо ҳам, фаришталар ҳам, руҳлар ҳам йўқ» деган гапларини кўп эшитганман. Ҳакам: Бу гапларни ундан қаерда эшитгансиз? Ҳақиқат Лаблари: Қабиҳ сўзлар муюлишида, Куфр растасида ва бошқа жойларда. Ҳакам: У тўғрида нималарни биласиз? Ҳақиқат Лаблари: У чинакам иблис. Эзгулик қилма деган Иблис тарафдорининг ўғли эканини биламан. Эзгулик қилманинг бу ўғлидан бошқа болалари ҳам бор эди. У тўғрида билганларим мана шулар. Ҳакам: Ёлғон Душмани! Мана бу судланувчига қаранг, уни танийсизми? Ёлғон Душмани: Бу Атеизм — ҳаётимда учратган энг тубан ярамаслардан бири. У Худонинг борлигини инкор қилибгина қолмади, балки нариги дунёдаги ҳаётга бўлган умидларни ҳам рад қилди. Ҳар қандай иллатнинг гуноҳларини тан олмасди. Келажакдаги жазони масхара қиларди. «Жиннихонага бордим нимаю Худонинг Каломини эшитгани ибодатхонага бордим нима — менга фарқи йўқ», деб айтарди. Ҳакам: Қаерда эшитгансиз? Ёлғон Душмани: Қаллоблик муюлиши охиридаги Ичкилик растасида, жаноб Виждонсизнинг уйида. Ҳакам: Қамоқхона бошлиғи! Судланувчини жойига олиб бориб, кейин жаноб Шаҳватпарастни[97] панжара ортига олиб кел. Судланувчи! Сен Шаҳватпараст номи билан донг таратгансан. Сен бизнинг ўлкаларга бошқа ёқлардан келгансан. Сен одамларни иблисона сўзларга, ифлос қилиқларга тез ўргатдинг. «Инсон танасининг мойиллигини тизгинламаса, фойдалидир ва бу хатти —ҳаракат қонунийдир», деб тасдиқладинг. Агар сенинг ҳиссиётларингни қондирса, ҳар қандай гуноҳли лаззатдан қайтмадинг ва бундан кейин ҳам қандай бўлмасин, қайтмоқчи эмассан. Бунга нима дейсан? Айбдормисан ёки йўқми? Шаҳватпараст: Муҳтарам жаноб! Мен зотли оиладанман, доимо дабдабали ҳаёт кечирдим, ҳеч қачон уятни билмасдан ҳаракат қилдим. Танбеҳларни эшитишга ўрганмаганман, доимо истаганимни қилдим. Шунинг учун мени бир нарса ҳайрон қолдиряпти: бутун атрофдагилар яширин ёки ошкора қабул қилаётган, қўллаб–қувватлаётган ёки қилаётган нарсалар учун бугун мени ҳукм қилинганлар қаторига қўшдингизлар. Ҳакам: Сенинг таг–зотинг бизни асло қизиқтирмайди. Яна айтиб қўяй: одамнинг таг–зоти қанча улуғ бўлса, унинг ахлоқи ҳам шунчалик фазилатли бўлиши керак. Ҳозир эса биз сенинг хулқ–атворингни кўриб чиқяпмиз. Шунинг учун бизга жавоб бер: айбдормисан ёки йўқми? Шаҳватпараст: Айбдор эмасман. Ҳакам: Мудир! Гувоҳларни бу ёққа чақир! Мудир: Жаноблар! Шоҳимизнинг гувоҳлари! Киринглар, мана бу судланувчига қарши гувоҳлик беринглар. Ҳакам: Билимдон, мана бу судланувчини танийсизми? Билимдон: Ҳа, уни биламан. Унинг исми — Шаҳватпараст. У аллақандай Разил деганнинг ўғли, Тана кўчасида туғилган. Унинг онаси Ҳирс деганнинг қизи эди. Мен унинг бутун уруғ–аймоғини биламан. Ҳакам: Яхши. У нимада айбланаётганини эшитгандирсиз? Сизнингча, у айбдорми ёки айбдор эмасми? Билимдон: Мен уни беадаб, Худонинг кунига риоя қилмайдиган муттаҳам деб биламан. Уни шаҳватпараст, нопок бир нарса деб биламан. Менимча, у ҳар хил ёмонликларга, гуноҳларга тўлиб–тошиб кетган. Ҳакам: У ифлос ишларини қаерда қилган — ёпиқ жойлардами ёки ошкорами? Билимдон: Ҳамма жойда. Ҳакам: Ҳақиқат Лаблари, мана бу судланувчи тўғрисида сиз нима дея оласиз? Ҳақиқат Лаблари: Биринчи гувоҳ айтганларнинг ҳаммасини тасдиқлайман. Ҳакам: Судланувчи! Сенга қарши қандай гувоҳлик берганларини эшитдингми? Шаҳватпараст: Мен ҳар доим: «Инсоннинг энг буюк бахти — ўзини ҳеч нарсадан қисмасдан, ҳатто ўзининг энг кичик хоҳишларини ҳам қондиришдир», деб ҳисоблаб келганман. Мен ҳар доим ана шу тамойиллар бўйича иш кўриб келганман ва бутун умримни ҳузур–ҳаловатда ўтказганман. Лекин мен худбинлик қилмаганман. Ўзим лаззатланган ҳолда, бошқаларга ҳам шу лаззатни раво кўрганман. Шунинг учун ҳаммани ортимдан боришга ишонтирганман. Шунда суд ҳайъати: «Бу айбдорнинг сўзлари ўзини етарли айблаб турибди», деган қарорга келди. Шунинг учун қамоқхона бошлиғига: «У жойига — биринчи судланувчининг ёнига олиб борилсин, учинчи айбдор Ишончсиз[98] чақирилсин», деб буйруқ берилди. Ҳакам: Ишончсиз, сени бу ердагиларнинг ҳаммаси шу исминг билан танийди. Сен ўзбошимчалик билан шаҳримизга ёриб кирдинг. Сен Шоҳимиз Шадайнинг жангчиларидан бири бўлганинг ҳолда, сотқинларча ва ғараз билан қаршилик кўрсатишда айбланяпсан. Сен Шадайнинг қудратини, исмини ва шуҳратини ҳақорат қилдинг. Ўзингнинг ҳукмдоринг Иблисга итоат этиб, аҳолини қонуний Шоҳ Шадайга, У юборган йўлбошчиларни қабул қилмасликка қарши қўзғадинг, шунга кўндирдинг. Ишончсиз: Мен Шадайни билмайман. Мен эски ҳукмдоримни яхши кўраман, ўз вазифамга содиқ қолишни бурчим деб биламан. Мен бутун кучимни шаҳар аҳолисини номаълум келгиндиларга қарши қўзғатишга, уларга қарши курашишга сарф қилдим. Гарчи сизлар ҳозир шаҳримизда ҳукмрон бўлсаларингиз ҳам, мен ҳеч қачон сизларнинг олдингизда қўрқиб фикримни ўзгартирмайман. Ҳакам: Кўриб турибсизларки, бу одамни тўғри йўлга солиб бўлмайди. У ўзининг сотқинлигини барала айтяпти, итоатсизлиги билан фахрланяпти. Қамоқхона бошлиғи! Уни олиб бор, энди Эзгуликни унутганни олиб кел! Судланувчи пайдо бўлди. Ҳакам: Сен Эзгуликни унутган деган ном билан таниқлисан. Айбинг шундан иборатки, сен ҳокимият тепасида турганингда, аҳолининг фаровонлиги тўғрисида тамомила унутдинг. Аксинча, исён пайтида Шоҳ Шадайга, Унинг йўлбошчилари ва лашкарига қарши кураш олиб боришда Иблисга қўшилдинг. Лекин сен бу хатти–ҳаракатинг билан Унинг исмини бадном қилаётганингни, шаҳарни қаттиқ хавф остида қолдираётганингни билардинг. Бунга нима дейсан? Айбдормисан ёки йўқми? Эзгуликни унутган: Жаноблар! Энди сизлар менинг ҳакамимсизлар. Шунча айблардан ўзимни оқлашим учун шуни айтмоқчиманки, паришонхотирлигим ёшим улғайиб қолгани билан боғлиқ, асло ёмонлик қилиш истаги билан боғлиқ эмас. Буларнинг ҳаммаси эзгуликка совуққонлигим туфайли эмас, ақлимнинг айнигани туфайли юз берган. Мен сизларнинг марҳаматингизга умид қиламан, шунинг учун, гарчи айбдор бўлсам ҳам, қисман, холос. Қаттиқ жазога мустаҳиқ эмасман. Ҳакам: Эҳ, Эзгуликни унутган, сен ақлинг заифлиги туфайли эзгуликни унутганинг йўқ, балки қасддан унутгансан. Сен яхшиликни эслашни истамадинг, балки хаёлингда фақат ёмонлик бўлди. Энди эса сени ҳукм қилмаслигимиз учун ўзингни ёшинг улғайиб қолгани билан оқламоқчи бўляпсан. Қани, кўрайлик–чи, гувоҳлар нима деб айтишар экан. У айбдорми ёки йўқми? Ёлғон Душмани: Судланувчининг гапларини эшитганман, у ҳатто ўн беш дақиқа ҳам эзгуликни ўйлашга қодир эмас. Ҳакам: Бу гапларини қаерда эшитгансиз? Ёлғон Душмани: Пасткаш муюлишида, яна «Унинг виждони қизиган темирда куйдирилган» деган лавҳа ёзилган уйда. Ҳакам: Билимдон, судланувчига қарши қандай гувоҳлик бера оласиз? Билимдон: Мен уни яхши биламан. У иблис, иблиснинг ўғли, унинг отасининг исми Ҳечнарсасевмас эди. Унинг ўзи бир неча марта менга: «Ҳатто эзгулик тўғрисида ўйлаш менга малол келади», деб айтган эди. Ҳакам: Қаерда айтган бу гапни? Билимдон: Маъбад рўпарасидаги Ҳирс кўчасида. Ҳакам: Энди сизнинг навбатингиз, Ҳақиқат Лаблари. Судланувчи тўғрисида нима дея оласиз? Ҳақиқат Лаблари: Унинг ўзи бир неча марта менга: «Муқаддас Ёзувдаги ўгитларга қараганда, ифлос ишлар тўғрисида ўйлаш мен учун ёқимлироқ», деб айтган эди. Ҳакам: Бу гапни қаерда айтган? Ҳақиқат Лаблари: Қаерда дейсизми? Кўп жойда, хусусан, Зулмат кўчасидаги Уятсизнинг уйида, яна Ифлос муюлишидаги Малъуннинг уйида, шундоққина дўзахга тушаверишда. Ҳакам: Жаноблар! Сизлар судланувчининг айбларини ва важ–карсонларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитдингизлар. Қамоқхона бошлиғи! Олиб бор уни, Тошюракни[99] олиб кел! Судланувчи панжарага келди. Ҳакам: Тошюрак, сен шу исминг билан машҳурсан. Чунки сен астойдил, қасддан шаҳар аҳлига: «Шоҳ Шадайга қарши юракларингизни тош қилинглар», деб ўгит бергансан. Аҳоли муртадлиги учун афсус қилишларига, Шоҳнинг қонунларига қарши исён қилганлари учун ўкинишларига ва тавба қилишларига йўл бермадинг. Хўш, бу айбларга қарши нима дейсан: айбдормисан ёки йўқми? Тошюрак: Мен ҳеч қачон тавба–тазарру қилишни, виждоним олдида айбдорлигимни ёки афсусланишни билмаганман. Мен сувюқмасман. Мен бирортасига боғлиқлигимни ҳис қилмаганман. Бировнинг кулфати ҳеч қачон мени ҳаяжонга солмаган. Одамларнинг оҳу фиғонлари мени заррача ҳам ташвишга солмаган. Агар мен бирортасини алдасам ёки ҳақорат қилсам, бундан шундай лаззатланардимки, худди ажойиб мусиқа эшитаётгандай бўлардим. Мен йиғи овозини эшитишни яхши кўраман, шу сабабдан исмим Тошюрак. Ҳакам: Жаноблар! Кўриб турибсизларки, судланувчи — ҳақиқий иблис, ўзини ўзи айблаяпти. Қамоқхона бошлиғи! Буни олиб бор жойига! Ёлғон Дунёни олиб кел![100] Судланувчи келди. Ҳакам: Ёлғон Дунё, сен шу исминг билан маълумсан. Сен бизнинг шаҳарда ижозатсиз яшаяпсан. Шаҳар аҳолиси Шадайга қарши исён қилганларида, сен уларни қўллаб–қувватладинг, уларга ёлғон дунё, бу дунёнинг хавфли ва ҳеч нарса билан асосланмаган умидлари тўғрисида насиҳат қилиб, тасалли бердинг. Улар Шоҳ Шадайга қарши исён қилиб, жиноят этганларини англаб тавба қилмоқчи бўлганларида, ҳалақит бердинг. Сенинг айбларинг ана шулардан иборат. Буларга нима дейсан? Ўзингни айбдор деб тан оласанми ёки йўқми? Ёлғон Дунё: Муҳтарам ҳакамлар! Исмим Дунё эканини тан оламан, лекин асло Ёлғон Дунё эмас. Агар бирортангиз мени оз–моз биладиганлардан сўраб кўрсангиз, ёки мен туғилаётганимда иштирок этган доядан ёхуд сувда имон келтираётганимни кўрган оғайнилардан сўрасангиз, улар сизларга айтадилар: менинг исмим ҳеч қачон Ёлғон Дунё бўлган эмас, оддийгина Дунё деб аташган. Мен беозор одамман, доимо хотиржам яшашни ёқтираман, ўзим яхши кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрганман. Яқинларимдан биротасининг руҳан безовта бўлганини кўрганимда, ўша зоҳоти овутишга ҳаракат қилганман. Бунинг исботи сифатида қуйидагиларни айтишим мумкин: 1. Шаҳримиз Шадайнинг қонунларидан чекина бошлаганда, одамлардан баъзилари: «Шадайнинг хоҳиш–иродасига қарши бордик–а, афсус», деб хавотирга тушганларида, улар бундай фикрлардан хафа бўлганларида, бутун кучимни уларга тасалли беришга қаратганман. 2. Қадимги дунёнинг ва Садўмдаги одатлар одамлар ўртасида амалда бўлган пайтда, агар янгича одатларни баъзилар афзал кўриб, нимадандир безовта бўла бошласалар, улар ҳеч васвасага тушмасдан олдинги ҳаёт тарзини давом эттирсинлар, деб мен қўлимдан келганча тинчлантиришга ҳаракат қилдим. 3. Энди ҳозирги даврни — Иблис билан Шоҳ Шадай ўртасида жанг қизиган пайтни олайлик. Агарда одамлардан бирортаси шаҳарнинг вайрон бўлгани тўғрисидаги фикрдан ваҳимага тушган бўлса, мен кўпинча турли воситаларни — айёрликни ёки чўпчакларни ёхуд шунга ўхшаш бирор нарсани ишга солдим. Оқибатда безовта руҳга яна хотиржамликни қайтардим. Албатта, мен доимо диёнатли одам бўлиб қолдим. Чунки диёнатли одамлар тинчликпарвар бўладилар. Тинчликпарвар эса ҳурматга сазовор бўлади. Сизлардан илтимос қиламан, жаноблар, сизлар шаҳарда адолатпешалигингиз билан машҳурсизлар, мендай одам ваҳшийларча муомала қилмаганини, аксинча, тамомила озод қилишга лойиқ эканини ҳамда айбловчилардан харажатларни ва зарарни тўлашлари талаб қилишга ҳақли эканимни ошкора тан олишларингизни илтимос қиламан. Ҳакам: Мудир! Эълон қил! Мудир: Айбловчи актида кўрсатилган исмни судланувчи, менинг исмим эмас, деб тасдиқлаяпти. Шунинг учун суд қуйидагиларни талаб қилади: кимки унинг ҳақиқий исми, феъл–атвори ва ишлари тўғрисида бирор нарса билса, оломон орасидан чиқиб, билганларини айтсин. Залда ҳозир бўлганлардан иккитаси ўринларидан туриб: «Бизга судланувчи тўғрисида гапирмоқчимиз», деб ижозат сўрадилар. Улардан бирининг исми Ҳақиқат Изловчи, иккинчисиники Ҳақиқатни Тасдиқловчи эди.[101] Ҳакамлар иккала гувоҳдан қасамёд қилишларини сўрадилар. Шундан кейин биринчи гувоҳ сўз бошлади: Ҳақиқат Изловчи: Муҳтарам ҳакамлар! Мен бу судланувчини болалигидан бери биламан ва унинг исми доимо Ёлғон Дунё бўлиб келгани тўғрисида гувоҳлик бера оламан. Мен унинг отасини ҳам танирдим, отасининг исми Мунофиқ эди. Онасининг исми эса турмушга чиққунча Пардоз бўлган эди. Иккаласи ҳам ўғилларининг исмини Ёлғон Дунё қўйишни орзу қилган эдилар. У болалигимда мен билан бирга ўйнарди. Кўпинча онаси уни чақирганда эшитиб қолардим: «Тезроқ кел, Ёлғон Дунё, сенинг орқангдан мен бормайман.» Онаси кўпинча уни тиззасига ўтқазиб: «Жажжигинам Ёлғон Дунё, сен менга шунақанги қимматлисанки», деб эркаларди. Гарчи бугун суд олдида у исмидан тониб турган бўлса–да, ошна–оғайнилари ҳам уни Ёлғон Дунё деб аташарди. Сўнг иккинчи гувоҳ ҳозир бўлиб, гувоҳлик берди. Ҳакиқатни Тасдиқловчи: Ҳозиргина муҳтарам гувоҳ айтганларнинг ҳаммаси бутунлай тўғри. Судланувчининг исми — Ёлғон Дунё, Мунофиқ билан Пардознинг ўғли. Кўп кўрганман, уни Ёлғон Дунё деб чақирганларида, аччиқланарди, «Ёлғон» — кулгили, кўнгилга қаттиқ ботадиган исм, деб айтарди. Лекин бу ўзини улуғ, аҳамиятли шахс деб ҳисоблаган пайтда, яъни шаҳримизда иблислар ҳукмрон бўлган пайтда бўлган эди. Ҳакам: Жаноблар! Сизлар ҳар иккала гувоҳнинг сўзларини эшитдингизлар. Сен эса, судланувчи, «Йўқ, Ёлғон Дунё деб айтган одам мен эмасман», дея бизни бекорга ишонтирмоқчи бўлдинг. Сен бу оламда яшаётганинг учун ва ҳар кимни ўзингча яраштириб қўйганинг учун айбланаётганинг йўқ, балки сен олижаноб Шоҳимиз Шадайнинг қонунларига қарши бўлган оламни ваъз қилганинг учун айбланяпсан, яъни гуноҳ билан яшаб, оламда лаззатланиш мумкин, агарда кимдир улуғ Шоҳимиз Шадайнинг хоҳиш–иродасига зид иш тутса, хавотирга тушмаслиги керак, деб ишонтиряпсан. Сен ўз айбингни англаб етмаган бўлсанг, кўрайлик–чи, бошқа гувоҳлар нима деб айтишар экан. Хабардор, судланувчи тўғрисида нима дея оласиз? Хабардор: Менга шу нарса маълумки, судланувчи узоқ вақт давомида тўхтовсиз равишда шаҳар аҳлига хотиржамлик ва тинчлик, туйғуларини сингдириб келди, доимо танбеҳ берди. Чунки шундай хатти–ҳаракатлар ичида ҳақиқий руҳий олам улар учун муҳим бўлмаслигини у биларди. Вақтини бемаъниликлар билан ўтказган одамларга у бир неча марта шундай деганини эшитганман: «Ҳаммаси бўлмағур гаплар, нима қилаётган бўлсаларинг ҳам ҳеч ташвиш қилманглар. Ўтмишингиз қандай бўлишидан қатъий назар келажак тўғрисида ташвишланиш керак эмас.» Ҳакам: Сиз–чи, муҳтарам Ёлғон Душмани, қандай гувоҳлик бера оласиз? Ёлғон Душмани: У бир неча марта: «Иллатли ҳаёт ҳақиқат йўлидаги виждон безовталигига қараганда бир неча баробар яхшидир», деганини эшитганман. Ҳакам: У бу гапни қаерда айтган? Ёлғон Душмани: Ақлсизлик майдонида, Хомхаёлнинг қўшниси Анқовнинг уйида. Бу гапни бир марта эмас, йигирма марта эшитган бўлсам керак. Ҳакам: Гувоҳлар етарли бўлди. Қамоқхона бошлиғи! Судланувчини жойига олиб бор, Ҳақиқат Душмани[102] деган айбдорни олиб кел. Демак, сен Ҳақиқат Душмани деган ном билан машҳурсан, бизнинг ўлкага бегона, чақирилмаган меҳмонсан. Сен бизнинг улуғ Шоҳимиз Шадайнинг қонунини ва тасвирини бадном қилиш, бузиб кўрсатиш учун қаттиқ ҳаракат қилганликда, одамлар Иблис ҳукмронлигига ўзларини хоинларча бағишлаб, шаҳар аҳлини хавф остида қолдирганини билганинг ҳолда, Шадайнинг исмини беобрў қилишда айбланасан. Хўш, бунга нима дейсан, айбдормисан ёки йўқми? Ҳақиқат Душмани: Айбдор эмасман, муҳтарам ҳакамлар. Шу пайтда гувоҳлар чақирилди. Хабардор: Судланувчи ўз қўллари билан улуғ Шоҳимиз Шадайнинг тасвирини йўқ қилишга уринганини мен кўрганман. У Иблисдан шу буйруқни олганда, унинг яқинида турган эдим. Шундан кейин яна ўз бошлиғининг буйруғи билан Шоҳимизнинг қонунларидан қолган–қутганини ёқиб, йиртиб, тепкилади. Ҳакам: Унинг бу хатти–ҳаракатларига сиздан бошқа яна ким гувоҳ бўлган эди? Ёлғон Душмани: Мен гувоҳ бўлган эдим, мендан бошқа кўпчилик ҳам гувоҳ бўлган. У ҳеч ҳам иккиланмасдан, ўз бошлиғининг буйруғини очиқчасига бажарди. Бунинг устига, бу ишни ғайрат билан бажарди. Ҳакам: Судланувчи! Қандай қилиб сен суд олдида ўз хатти–ҳаракатларингдан сурбетлик билан тонишга журъат этдинг?! Ахир, сен бу ишларни кўп гувоҳлар олдида очиқчасига қилаётганингни билар эдинг–ку! Ҳақиқат Душмани: Менинг исмим Ҳақиқат Душмани бўлгани учун, қандайдир жавоб беришим керак эди, одатдагидай гапиряпман. Ҳозиргача мен бундан кўп фойда олганман, ҳозир ҳам «Агарда ҳақиқатни гапирмасам, бу менинг фойдамга бўлар», деб мўлжаллаган эдим. Ҳакам: Қамоқхона бошлиғи! Уни жойига олиб бориб, навбатдаги маҳбусни — Шафқатсиз[103] деганини олиб кел! Судланувчи! Сенинг исминг Шафқатсиз, сен келгиндисан, аҳолининг розилигисиз шаҳримизга ўрнашиб олгансан. Сен Руҳ шаҳри аҳолисини уларнинг қонуний Шоҳига қарши шафқатсизларча ва сотқинларча қўзғадинг. Улар бу хатти–ҳаракатлари билан ўзларига кулфат орттиришларини билар эдинг. Уларнинг ҳалокатдан қутулиши учун ягона йўл — қилган жиноятларини англаб, тавба қилишлари эканини билганинг ҳолда, бунга йўл бермадинг. Хўш, бунга қандай жавоб берасан? Айбдормисан ёки йўқми? Шафқатсиз: Мен шафқатсизлик нуқсоним борлигида айбдор эмасман. Менинг фаолиятим — аҳолининг руҳини кўтариш эди, чунки мен уларнинг умидсизликка тушганларини кўриб, томошабин бўлиб туролмасдим. Шунинг учун менинг исмим Шафқатсиз эмас, Далдадир. Ҳакам: Қанақасига? Ўзингнинг исмингдан тониб, бошқа исм бермоқчимисан? Гувоҳларни чақиринглар! Хабардор: Мен тўлиқ ишонч билан айтишим мумкинки, унинг исми — Шафқатсиз. Ҳамма муҳим ҳужжатларга у қўл қўйган. Лекин шу нарса ҳам маълумки, одатда ҳамма иблислар ўзларининг исмларини ўзгартирадилар. Масалан, қандайдир Маккор дегани ўзини Эҳтиёткор деб кўрсатади, Такаббур вақти келиб қолганда ўзига Башанг ёки Ҳимматли деб исм беради. Ҳаммалари шундай қилишади. Ҳакам: Ҳақиқат Лаблари, бунга сиз нима дейсиз? Ҳақиқат Лаблари: Унинг исми — Шафқатсиз. Мен уни болалигидан бери биламан, у ҳақиқатан ҳам, ҳозир қўйилган айбларни қилган. Лекин иблисларнинг орасида шундай бир уюшма борки, улар абадий лаънат олдидаги қўрқув ҳиссини билмайдилар. Шунинг учун қилинган жиноятлар олдидаги тавба–тазарру ва афсус–надоматларни улар умидсизлик деб атайдилар. Ҳакам: Қамоқхона бошлиғи! Судланувчини жойига олиб бор, охирги маҳбус Такаббурни[104] олиб кел! Такаббур, сен бизнинг шаҳарга рухсатсиз ўрнашиб олгансан. Энди Шоҳ йўлбошчиларининг барча даъватларига ва маслагига аҳолини сурбетларча ва димоғдорлик билан жавоб беришга ўргатгансан. Сен яна Шоҳни нафрат билан ҳақорат қилишга аҳолини ўргатгансан. Бундан ташқари, сўзинг ва ишинг билан уларни Шаҳзода Эммануилга қарши қурол кўтаришга рағбатлантиргансан. Хўш, бунга нима дейсан? Айбдормисан ёки йўқми? Такаббур: Муҳтарам ҳакамлар! Мен табиатан жасур, жангари одамман. Энг хавфли вазиятда ҳам ҳеч қачон руҳан тушкунликка тушмаганман, муваффақиятсизлик ҳолатларида ҳам пасткашликка ва шон–шуҳратимни ерга уришга ўзимни лойиқ деб ҳис қилмаганман. Мен душман олдида мағлуб бўлган одамларни кўрганимда, душманлар уларнинг устидан ҳукмронлик қилганларида ва одамлар душман олдидаги қўрқувдан ўз қарашларини ва ниятларини ўзгартирганларида, бундай одамлардан нафратланганман. Душманим ким, қандай сабаб мени курашга чорлади — мен ҳеч қачон бу тўғрида ўйламаганман. Доимо жасурлик билан ҳаракат қилганимдан, шердай довюраклик билан уришганимдан ва ғолиб чиққанимдан қаноатланардим. Ҳакам: Такаббур, сен қўрқмаслигинг, жангдаги жасурлигинг учун айбланаётганинг йўқ, балки сен бутун кучингни қонуний Шоҳимиз Шадайга қарши қаратганинг учун айбланяпсан. Мана, сенинг жиноятларинг нимадан иборат. Такаббур бунга жавоб бермади. Ҳакам судланувчиларни сўроқ қилиб бўлгандан кейин, суд маслаҳатчиларига: «Ўз қарорларингизни чиқарсангиз», деб таклиф қилар экан, уларга шундай деб мурожаат қилди: — Муҳтарам суд ҳайъати! Сизлар судланувчиларнинг айбларини ва жавобларини ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитдингизлар. Шунинг учун қарорингизни муҳокама қилишларингизни[105] илтимос қиламан. Қарорингиз ишончли, адолатли ва холис бўлсин. Суд маслаҳатчилари Ишончли, Соф Юрак, Очиқ Кўнгил, Ёвузлик Душмани, Худосевар, Ҳақ, Туйғуси баланд, Мўътадил, Миннатдор, Диёнат, Итоаткор, Диний Аланга суд залидан чиқиб, ҳукм чиқариш учун бошқа хонага кириб, эшикни беркитиб олдилар. Уларнинг каттаси Ишончли гапини шундай бошлади: — Жаноблар, сизларнинг фикрингизни билмадим–у, лекин менимча, судланувчиларнинг ҳаммаси қатл қилинишга лойиқ. — Тўғри! — деди Соф Юрак. — Менинг фикрим ҳам шундай. — Қандай бахт бу ярамасларнинг қамалгани! — деди Ёвузлик Душмани. — Ҳаётимдаги энг яхши кунлардан бири — шу кундир, — деди Худосевар. — Агар биз уларни ўлимга ҳукм қилсак, имоним комилки, бизнинг ҳукмимизни Шоҳнинг Ўзи ҳам қўллаб–қувватлайди, — деб қўшиб қўйди Ҳақ. — Бу ярамаслар шаҳарда бўлмаса, ҳамма тинч, ахлоқи ҳам яхши бўлишига ишонаман, — деди Туйғуси баланд. — Шошқалоқлик билан ҳукм қилишга ҳаракат этмасам–да, — деди Мўътадил, — уларнинг жинояти шунчалик сурбетларча қилинганки, гувоҳлар ҳам шунчалик очиқ –ойдин баён қилдиларки, уларнинг ўлимга лойиқлигини фақат кўр одамгина кўрмаслиги мумкин. — Худога шукр, — деди Миннатдор, — сотқинлар қамалди. — Мен ҳам Худога тиз чўкиб миннатдорчилик билдираман, — деб қўшимча қилди Диёнат. — Мен ҳам сизлардан кам хурсанд бўлаётганим йўқ, — деди Итоаткор. Шунда шиддатли, садоқатли Диний Аланга баланд овоз билан деди: — Бизни улардан халос қилинг. Улар шаҳарнинг яраси эдилар, биз ҳалок бўлишимизни истаган эдилар. Улар бир қарорга келишиб, залга қайтиб кирдилар. Ҳакам ҳар бирининг номини айтиб: «Қарорингизни эълон қилиш учун кимни сайладингизлар?» деб сўради. Улар: «Каттамиз Ишончли бўлгани учун, уни сайладик», деб жавоб беришди. Шунда ҳакам: «Сизларнинг ҳукмингиз қандай?» деб сўради. Ишончли: Улар айбдор. Ҳакам: Қамоқхона бошлиғи! Маҳбусларни олиб кет! Қамоқхона бошлиғи ҳаммасини қамоқхонага ташлади ва эртасигача — тайинланган қатл кунигача қолдирди. Лекин тунда маҳбуслардан бири қандайдир йўл билан қамоқдан қочди ва яширинча шаҳардан чиқди. Қоронғу бурчакларда, ҳандақларда яшириниб, шаҳар аҳолисига зарар етказиш учун қулай фурсатни пойлаб турди. Бу маҳбуснинг исми Умидсиз эди. Қамоқхона бошлиғи кўрдики, маҳбуслардан бири йўқ. Энг ашаддий маҳбус қочиб кетганини билиб, қаттиқ саросимага тушиб қолди. Юз берган воқеадан хабардор қилиш учун у ўша зоҳоти шаҳар ҳокими, солномачи ва Эркин Майл бекнинг ҳузурига йўл олди. Улар «Ҳамма ёқ қидирилсин!» деб буйруқ бердилар. Лекин ҳаммаси беҳуда кетди — уни ҳеч қаердан топа олмадилар. Уни шаҳар ташқарисида — қоронғу бурчакларда дайдиб юрганини кўрдилар (уни узоқдан кимдир кўрди–ю лекин тута олмади). Бошқа бирови эса: «Далага кетаётганини кўрдим, худди бировни излаб кетаётганга ўхшайди», деб қўшимча қилди. Чамаси, у ўз ҳукмдори Иблисни излаб кетаётган, шекилли, кўп ўтмай Дўзах дарвозасида учрашдилар. Умидсиз Иблисга: «Халқнинг илгари қилган барча гуноҳларини Эммануил кечирди, халқ Эммануилга қалъада ўрнашишни таклиф қилгандан кейин, Руҳ жуда ҳам ачинарли аҳволда қолган», деб етказди. У яна Иблиснинг тасвири балчиққа улоқтирилганини ва унинг ўрнига Шадайнинг тасвири қўйилганини, Иблиснинг саккизта хизматкори ва тўққизинчиси бўлиб ўзи қамалганини, ҳаммалари қатл этилишга ҳукм этилганини, лекин айёрлик билан қамоқдан қочганини айтиб берди. «Энг оғир кулфат — Эркин Майл бекнинг Эммануилга содиқ бўлиб қолганидир, — деди Умидсиз, — у иблисчиларни қатл қилиш учун ҳамма жойда қидириб юрибди.» Иблис ғазабга миниб, шердай ўкирди. Унинг даҳшатли ўкиришидан ер ларзага келиб, осмонни булут босди. У: «Шаҳардан ўч оламан», деб қасам ичди. Садоқатли шогирди Умидсизга: «Икковимиз қачон ва қандай қилиб Руҳга янгидан ҳужум қилишни келишиб олишимиз керак», деди. Шу орада қатл куни ҳам келди (Рим. 8:13). Жиноятчиларни тахтапулга олиб келишди. Олдиндан уларни хочга михлашга қарор қилинган эди (Галат. 5:24). Чунки Эммануил «Менинг қоунларимга ва хоҳиш–иродамга зид бўлгани учун, бу жазони аҳолининг ўзи ижро этсин, токи бу жиноятчилардан уларнинг нафратланганларининг исботи бўлсин», деб эълон қилди. Маҳбусларни хоч олдига олиб келганларида, қўрқувдан уларда куч пайдо бўлиб, қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Аҳоли Шоҳнинг йўлбошчилари ва жангчиларидан ёрдам сўраб илтимос қилдилар. Шунда Шоҳнинг Руҳ аҳолисини жуда ҳам яхши кўрадиган ва қатл пайтида шу ерда ҳозир бўлган Бош вазири яқин келиб, Ўз қўлларини уларга қўйди[106]. Шу зоҳоти аҳолининг кучи ўн карра ошиб кетди[107]. Шундан кейин улар ўзларига кўп ёмонлик ва кулфатлар келтирган иблисчиларнинг қўл–оёқларини михладилар. XI Боб Лашкарбоши этиб Тажрибали тайинланади. — Шаҳар низоми алоҳида имтиёзлар билан тўлдирилиб янгиланади. Бош вазир раҳбарлигида шаҳарда хайрия идораси таъсис қилинади. — Жаноб Виждон Руҳнинг иккинчи мураббийси этиб тайинланади, унинг вазифалари тавсифи. — Шаҳар оқсоқолларига қўлланма. — Аҳоли оқ либослар кияди ва Шоҳга мойилликни билдирувчи алоҳида белгилар олади. Тинчлик Илоҳи шаҳар ҳокими бўлади. — Шаҳарда роҳат–фароғат. Шундай улуғ ишлар бўлиб ўтгандан кейин, Эммануил аҳоли билан кўришгани ва уларга яхши сўзлар билан тасалли бергани ҳамда меҳнатга илҳомлантиргани шаҳарга чиқди. У аҳолига шундай деди: «Сизларнинг охирги ишларингиз Менга бўлган севгингизнинг исботи сифатида ёқимли бўлди. Бундан сизларга фақат ҳузур–ҳаловат бўлади. Сизларга ораларингиздан қўмондон тайинладим. У шаҳарни ҳимоя қилиш учун мингта одамга бошчилик қилади.» Шу пайт У Хизматчи деган бир фуқарони чақирди ва унга: «Ҳозироқ қалъага бориб, Тажрибали[108] деган жангчини чақириб кел», деб буюрди. Тажрибали йўлбошчи Имоннинг хизматида эди. Хизматчи буйруқни бажариш учун кетди ва Шаҳзоданинг олдига ёш жангчини бошлаб келди. Жангчи «Буюрсинлар», деб эҳтиром билан сўради. Шаҳар аҳолиси бу йигитни яхши билишарди. У шу ерда туғилиб, шаҳар аҳли орасида катта бўлган эди. Ҳамма уни яхши кўрар, мардлиги, эҳтиёткорлиги ва хушахлоқлиги учун ҳурмат қиларди. Шунинг учун у қўмондон этиб тайинланганидан ҳамма хурсанд бўлди. Шаҳзода жангчи Тажрибалига: «Сени мингта одам устидан бошлиқ этиб тайинладим», деб эълон қилди ва Бош вазирга: «Унга расмий қоғоз берилсин, қоғозга Ўз муҳрингизни босинг», деди. Ҳаммаси айтилгандай бажарилди. Янги бошлиқ вазифасига киришиши биланоқ кўнгиллиларни даъват қилиш учун карнай чалинди. Кўп ёшлар хизматга кириш учун унинг ёнига келавердилар. Шаҳардаги энг яхши оилалар унинг ҳузурига ўз ўғилларини юбордилар. Шундай қилиб, Тажрибали мингта одамни тўплади ва уларнинг орасидан бирини — айнан Уқувлини ўзига ёрдамчи, Хотира деганни байроқдор қилиб тайинлади. Унинг байроғи оқ рангда бўлиб, шаҳарнинг ғалаба қилганини билдирарди. Гербида эса ўлик шер билан ўлик айиқ тасвирланган эди (1 Шоҳ. 17:36,37). Шундан кейин Шаҳзода Ўзининг маконига қайтди. Лекин Унинг ҳузурига шаҳарнинг ҳамма оқсоқоллари келишди. Улар ўзларига кўрсатган севги ва ғамхўрлик учун бутун аҳоли номидан Унга миннатдорчилик билдириш учун келган эдилар. Кўп ўтмай Эммануил: «Мен қонунлар китобини тузатмоқчиман, халқимнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини кенгайтиришга қарор қилдим», деб эълон қилди. У: «Менга эски китобни олиб келинглар», деб буюрди. Китобни кўздан кечириб: «Эски қонунлар хароб бўлиш арафасида турибди (Ибр. 8:13), энди Руҳ янги низом олади[109], бу низом янада тушунарлироқ ва мустаҳкамроқ бўлади», деб айтди. Китобнинг қисқача мазмуни қуйидагилардан иборат: «Олам беги Эммануил Ота номидан Руҳга бўлган севгиси ва Ўзининг меҳр–шафқати туфайли суюкли Руҳ учун қуйидагиларни мустаҳкам қилади: 1. Отамга, Менга, яқинларига ва ўзига қилган барча жиноятларига, ёвузликларига ва ҳақоратларига қарамай тамомила, абадий кечирилади. (Ибр. 8:12) 2. У абадий тасалли топиши ва унинг ҳаётий кучи мустаҳкам бўлиши учун, Менинг унга бўлган севгимнинг тасдиғи сифатида, Руҳга Муқаддас Қонунни ва Аҳдимни инъом қиламан. (Юҳ. 15:8–14) 3. Руҳга Отамнинг ва Ўзимнинг юрагимиздаги ҳузур–ҳаловатни ва диёнатнинг бир қисмини ҳам инъом қиламан. (2 Бутрус. 1:4) 4. Унга фойда бўлсин, Отамнинг ва Менинг шуҳратимизга, Отамнинг олижаноб ишларига қанчалик ёрдам берса, шунчалик эгалласин, деб оламдаги Менинг ижодимни ва оламдаги ҳамма нарсаларни унга инъом қилиб, мустаҳкамлайман. Шунингдек, унга ҳаётнинг ҳамма фаровонликларини, ўлимни, ҳозирги замонни ва келажакни Руҳга инъом қиламан. (1 Кор. 3:21,22). Бундай имтиёзни, Бизнинг қимматли ижодимиздан ташқари, ҳеч ким олмаган ва олмайди. 5. Руҳ ўз эҳтиёжларини айтиши учун ҳар доим Менинг ҳузуримга эркин киришига унга ижозат бераман. (Ибр. 10:19, 20) Бундан ташқари, Руҳнинг илтимосларини қондиришга ва қайғуда қолганда ёрдам беришга ваъда қиламан. (Матто 7:7) 6. Қачонлардир иблислар унда зоҳир бўлиб, унинг тинчлигини бузганда, ҳар қандай иблисни топиш, сургун қилиш, қувиш ва қириш учун тўлиқ ҳуқуқни ва қудратни ҳам унга инъом қиламан. 7. Ниҳоят, суюкли Руҳга ҳар қандай бегонанинг насли ўрнашиб, Руҳнинг ҳузур-ҳаловатини бирга баҳам кўришига ижозат бермаслик ҳуқуқини ҳам инъом қиламан, токи юқорида баён қилинган ҳуқуқ ва имтиёзлар, сўзсиз, шаҳар аҳлининг ва уларнинг наслининг мулки бўлиб қолсин. Ҳамма иблислар, улар қайси турга мансуб бўлмасин, шаҳар аҳлининг фаровонлигига дахлдор бўлиши мумкин эмас.» Мазкур низомни солномачи майдонга тўпланган бутун халққа ўқиб эшиттирди (Ерем. 31:33). Сўнг Эммануил инъом қилган имтиёз ва ҳуқуқлар шаҳар аҳлининг ҳар бирига маълум бўлсин, деб қалъа деворига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Халқ ҳаяжонда эди. Ҳамду сано қўшиқлари шаҳар бўйлаб баланд янгради, карнайлар чалинди, байроқлар ҳилпиради. Иблислар эса аламларини ичига ютиб, шармандаликдан бошларини ичларига тортдилар. Шаҳзода шаҳар оқсоқолларини айтиб келиш учун биттасини юборди ва улар билан: «Шаҳарда қандай турдаги хайрия идораси таъсис қилиш керак»[110], деб муҳокама қила бошлади. «Чунки, — деди Шаҳзода, — сизларга ўргатадиган мураббийларингиз бўлмас экан, Отамнинг хоҳиш–иродасини бажара олмайсизлар.» (1 Кор. 2:14). Шаҳзода: «Сизларга иккита мураббий тайин қилдим: бири — Шоҳнинг яқинларидан, иккинчиси — шаҳарнинг туб аҳолисидан», деди. Шаҳзода гапида давом этди: «Кимки Отамга яқин бўлса, у Отам билан Менга тенгдир. Ўша — Отамнинг хонадонидаги Бош вазирдир, У ҳар доимгидай, ҳозир ҳам Отамнинг барча қонунларини ҳал қилувчи, У ҳамма ерда ҳозиру нозир. Замонларнинг сир–асрорлари, Отамга ва Менга тушунарли бўлганидай, Унга ҳам тушунарли, очиқ. У биз билан якто, У ҳам Руҳни севади, Биз сингари, Руҳ тўғрисида ғамхўрлик қилишда собит. У сизларнинг бош Мураббийингиз бўлади. Фақат У сизларга энг чуқур руҳий масалаларни тушунтира олади. Отамнинг қалби ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда Руҳга мурувват кўрсатишини фақат У сизларга аён қила олади. Отамнинг ниятларини Унинг Бош вазиридан бошқа ҳеч ким била олмаганидай, инсоннинг ниятини ҳам, унда истиқомат қилаётган руҳдан бошқа ҳеч ким била олмайди. У сизларга унутилган нарсаларни ёдингизга солади ва келажакни очиб беради. Бу устозингиз сизларнинг ниятларингиз ва ҳиссиётларингизнинг асосий, биринчи двигатели бўлиши лозим. Сизлар Уни севишингиз, Уни ҳеч ҳам хафа қилмасдан, қўрқув билан Унга қулоқ солишларингиз лозим. У сизларга умр ато этиб, лозим бўлиб қолганда, яқин келажакни сизларга намоён қилиб, ҳамма нарсага куч–қудрат ато этади, сизларни ҳар қандай эзгу ишларга етаклайди (Ҳаворий. 21:10,11). У берган ўгитлар бўйича Отамдан кечирим сўрайсиз, Унинг ижозатисиз ва маслаҳатисиз ўзингизга ҳеч кимни киргизманг. Яна ткрорлаб айтаман: Уни хафа қилишдан эҳтиёт бўлинг (Ишаё 63:10). Агар у сизларга қарши қўзғалса, Отамнинг лашкаридан ўн икки бўлинма ҳужум қилгандагидан ҳам ортиқ қайғу–кулфатни бошингиздан кечирасиз. Лекин сизларга яна айтаман: агар Унинг маслаҳатларига қулоқ солсангиз, Уни севсангиз, У билан яқин муносабатда бўлсангиз, агар бутун оламни эгаллаган бўлсангиз ҳам, Унда кўпроқ ҳузур–ҳаловат топасиз. У сизларнинг юрагингизни Отамнинг севгиси билан суғоради (Рим.5:5). Руҳ оламдаги жамики жонзотлардан энг донишманди ва марҳаматлангани бўлади.» Шундан кейин Шаҳзода шаҳарнинг олдинги солномачиси Виждонни чақириб унга деди: — Сени кундалик заминий ишлар бўйича Руҳнинг иккинчи маслаҳатчиси этиб тайинлайман. Сен Шоҳ Шадайнинг хоҳиш–иродаси бўйича, Руҳга заминий ишларни бажаришни ўргатишинг керак бўлади. Яна барча ҳукмлар, қонунлар ва заминий муассасалар бўйича маслаҳат ва ўгитлар беришинг лозим. Лекин сен шаҳар аҳлида фақат фуқаролик, ахлоқий ва оилавий фазилатларнинг[111] ривож топиши тўғрисида ғамхўрлик қиласан. Асло Шоҳнинг юрагида яширин бўлган олий даражадаги сирларни тушунтиришни ўз зиммангга олма. Чунки буни Отамнинг Бош вазиридан бошқа ҳеч ким билиши мумкин эмас. Сен шаҳарнинг туб халқидансан. У эса Отамнинг ёрдамчиси. Шунинг учун сенга заминий ишлар, Унга эса самовий ишлар тегишли. Эй Виждон! Шунинг учун сени гарчи Руҳнинг устози ва воизи этиб тайинлаган бўлсам–да, Бош вазирга алоқадор ишларга аралашма. Бу масалада, бошқалар сингари, Унинг шогирди бўл. Хуллас, барча чуқур руҳий масалалар бўйича сен Унга мурожаат этишинг керак. Чунки инсонга идрок ато этилган бўлса ҳам, фақат Бош вазирнинг фаолияти ўша одамнинг ҳақиқий онгини очади. Шунинг учун, эй Виждон, камтар бўл, кибру ҳавога берилма. Шуни ёдингда тутгинки, иблислар такаббурлиги туфайли олдинги саодатли ҳолатидан маҳрум бўлиб, эндиликда дўзахда қамалиб ётибдилар. Ўз вазифанг билан кифоялан. Сени юқоридаги вазифалар бўйича Отамнинг заминдаги вакили қилиб тайинладим. Шунинг учун Руҳга насиҳат қилиб, уни тарбия қил. Агарда сенинг насиҳатларингга қулоқ солмаса, қаттиққўл бўл, қамчи билан жазола. Лекин сен кексайиб, турли синовлардан толиққанинг учун, истаган пайтингда Менинг булоғимга келиб, узумзорим қонидан истаганингча олишингга ижозат бераман. Булоқдан энди доимо май оқиб турибди. Бу билан сен ўзингни ҳар қандай бузилишлардан ва нопокликлардан тозалайсан. Ўша лаҳзада кўзларинг равшанлашади, Отамнинг Бош вазири сенга ўргатган ҳамма нарсани ёдингда сақлаб қолишинг учун хотиранг янгиланади.» Собиқ солномачи Эммануил юклаган вазифани миннатдорлик билан қабул қилди. Шундан кейин Эммануил халкқа мурожаат қилди: — Кўряпсизларми, сизларга бўлган севгим нақадар буюк! Сизлар тўғрингизда қанчалар ғамхўрлик қиламан. Мана энди сизларга иккита муаллим беряпман. Улар билишларингиз лозим бўлган нарсаларни сизларга ўргатади. Отамнинг Бош вазири сизларга инсон ақли етмайдиган ғаройиб сирларни очади. Иккинчи устозингиз Виждон кундалик фаолиятингизда сизларнинг йўл кўрсатувчингиз бўлади. Уларга итоат қилинг. Азиз суюклиларим! Сизларга, сенга ҳам, Виждон, бир нарсани айтиб қўйишим керак. Сизлар келажак оламга нисбатан орзу–умидларингиз режасини қуриб, ўзбиларманлик қилманглар. Мен « бўлғуси» деб айтяпман, чунки бу олам бузилиб кетгандан кейин Руҳга бошқа оламни беришни режа қилиб қўйганман. Бу масалада сизлар Буюк Устознинг сўзларига қаттиқ суянишларингиз лозим. У ҳаёт қитобидан сизларга нима айтса, ўша нарса тўғридир. Сен эса, Виждон, фақат ўзингнинг мулоҳазаларинг ва хатти–ҳаракатинг бўйича ҳаётга эга бўлиш тўғрисида умид қилма. Бу масала Буюк Устознинг таълимотига алоқадор. Унинг таълимоти билан мос келмаган ёки ўзингнинг идрокингдан юқори бўлган таълимотни ёхуд таълимотдаги бирон моддани қабул қилишдан эҳтиёт бўл. Бу насиҳатлардан сўнг Шаҳзода шаҳар оқсоқолларига Отаси юборган йўлбошчиларга қандай муомала қилишлари лозимлигини тушунтирди. — Бу йўлбошчилар, — деди У, — Отамнинг доирасидан танлаб олинган одамлардир. Улар сизни чин дилдан яхши кўрадилар. Шоҳ топширган вазифани бошқалардан кўра яхшироқ бажаришга қодир, айнан улар сизлар учун иблисларга қарши курашадилар. Шунинг учун ’эй шаҳар аҳли, уларга илтифотсизлик билан, носамимий муомала қилмасликка чақираман. Чунки улар Шоҳ учун курашда мардонавор бўлсалар–да, Руҳ томонидан қилинган озгина эътиборсизлик ва ҳақорат уларни чуқур қайғуга солиб, уларнинг кучларини заифлаштиради. Хуллас, суюклиларим, уларни ҳурмат қилинглар, севинглар, озиқлантиринглар, уларга ёрдам беринглар. Ана шунда улар сизлар учун нафақат иблисларга қарши ҳормай–толмай курашибгина қолмайди, балки сизларни ҳалок қилиш мақсади бўлганларни қочишга мажбур қилади. Мабодо улардан бирортаси хасталаниб қолса, ёки олдинги куч–қувватидан қолса, сизларга нисбатан ўз вазифаларини бажаришга қодир бўла олмай қоладилар. Ана шундай пайтда уларга нафратингизни ошкор қилманглар, аксинча ҳатто ўлим тўшагида кўрсангиз ҳам, уни қўллаб–қувватланг, далда беринг (Ибр. 12:12). Чунки шуни билиб қўйингларки, улар — сизларнинг мудофаангиз, ҳимоянгиз, деворингиз, дарвозангиз, сизларнинг тамбангиз ва қўрангиздир. Гарчи улар заифликларида кўп нарсалар қилишга қодир бўлмай, сизларнинг ёрдамингизга муҳтож бўлсалар, улар соғайиб, тўлиқ кучга кирганларидан кейин, ўзларингизга маълум, улар қандай ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатишга қодир. Бунинг устига, улар кучли бўлганларида, Руҳ заиф бўлмайди. Сизларнинг хавфсизлигингиз — уларнинг соғломлигида, улар билан қиладиган муомалангизда (Ишаё 35:3). Шуни ҳам ёдингизда тутингларки, агарда уларнинг соғлиғи ёмонлашиб қолса, фақат сизлардан касал юққан бўлади. Мен бу гапларни сизларга нисбатан севгим чексиз бўлганидан гапиряпман. Суюклиларим! Ўзларингизнинг ҳузур–ҳаловатингиз ва Отамнинг ва Менинг шодлигим учун маслаҳатларимга риоя қилинглар. Сизларни яна бир нарсадан огоҳ бўлишга чақирмоқчиман. Ўзларингизга маълум, ҳатто ҳозир Мен борлигимда ҳам, ораларингизда баъзи иблислар яшириниб юрибди. Мен йўқлигимда эса сизларни ўзларининг ҳукмдори Иблисга яна итоат эттириш ва сизларни бутунлай ҳалок қилиш учун ҳар қандай ёвуз ишларга гижгижлайди. Улардан эҳтиёт бўлинглар, бардам бўлинглар. Уларнинг хўжайини сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлганларида ва Умидсизни шаҳар ҳокими этиб тайинлаганда, улар аввалига қалъада ўрнашдилар (Марк 7:21,22). Энди эса деворлар орқасига яшириниб, ўзларига ғор ва жарликлар қилиб олдилар. Вақти–соатини кутиб яшириниб юрибдилар. Шунинг учун, эй Руҳ, олдингда машаққатли иш турибди. Сен уларни қидиришинг, қамаб, ҳеч сесканмасдан қатл қилишинг керак. Отамнинг хоҳиши шундай. Лекин улардан тамомила қутула олмайсан. Ўз деворингни пойдеворигача бузасанми? Мен буни асло истамайман. «Унда нима қиламиз?» деб сўрайсизлар. Ҳушёр бўлинглар, мудраманглар, уларнинг истеҳкомларини аниқланглар, уларга дадил ҳужум қилинглар, ўзларингизга яқинлаштиришга йўл қўйманглар. Улар сизларга тинчликни таклиф қиладилар, сизлар эса нафрат билан рад қилинглар. Ана шунда сизлар билан Менинг орамизда ҳаммаси яхши бўлади. Сизлар уларни ўз ватандошларингиздан осонликча ажратиб олишларингиз учун, уларнинг энг асосийлари исмини айтайин: Фаҳш, Сотқин эр–хотин, Қотиллик, Fазаб, Ҳиссиёт, Алдов, Ёвуз боқиш, Мечкайлик, Ичкиликбозлик, Бутпарастлик, Сеҳр–жоду, Ихтилоф, Устунликка эришиш, Нафрат, Низо, Исёнга даъват, Бидъат. Улардан баъзилари кучи борича сизларни ҳалок қилишга ҳаракат этади. Улар, бизни таниб қолмасинлар, деб кийимларини ўзгартириб олганлар. Лекин Шоҳингизнинг қонунлар китобига мурожаат этсаларингиз, уларнинг ташқи қиёфалари тавсифини ва феъл –атворларини батафсил ўқийсизлар. Хуллас, уларни таниб олишни унутманглар. Эй, Руҳ! Улар сенинг ҳам душманларинг. Сен уларга биринчи бўлиб ижозат берганингдаёқ улар шаҳарга кириб, ҳаётий кучларингни қуртдай кемиради. Бошлиқларингни заҳарлайди, жангчиларингни заифлаштиради, дарвоза тамбаларини суғуриб олади, ҳозир гуллаб турган шаҳарни ахлат уюмига айлантиради. Сенга, шаҳар ҳокими Идрок, сенга, Эркин Майл бек, сенга, Виждон, ҳаммаларингизга топшириқ бераман: шаҳар аҳли билан бирга иблисларни қидиринглар, топган жойларингизда қатл қилинглар. Гарчи сизларга мураббий юборган бўлсам ҳам, булардан ташқари, Иблисга қарши Отам юборган тўртала йўлбошчим сизларга ибрат бўлсин, сизлар ўз вазифаларингизга нисбатан билимларингизни кўпайтиринглар, деб кундалик ва ҳафталик маърузалар ўқидилар. Сизларга душманларингиз номини айтиб, таърифлаб бердим. Сизлар улардан эҳтиёт бўлишингиз лозим. Сизларни огоҳлантириб, қўйишим керак: қатл қилишга имконият туғилганда, ораларингизда шундай шахслар пайдо бўладики, улар сизларни алдайдилар. Хато фикрлари, шубҳалар ва хурофотлар билан алдайдилар. Улар кўринишидан ашаддий, етук хизматчиларга ўхшайдилар. Лекин уларнинг хизматлари юзаки, Отамга ва Менга маъқул келмайди. Агар эҳтиёт бўлмасаларингиз, улар сизларга шундай ёмонликлар келтирадиларки, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Улар Мен сизларга таърифлаб берган ҳақиқий иблисларга ўхшаб кўринмайдилар. Шунинг учун, эй Руҳ, ҳушёр бўл, алданиб қолма. Шаҳзода ўгитларини тамом қилиб бўлгач, бир кунни тайин қилди. Шу куни шаҳар аҳли Унинг саройида янги ор–номус белгисини олишлари учун йиғилишлари керак эди. Бу белги Оламдаги ҳамма халқлардан уларни фарқлаб турарди. Ўша кун келгач, Шаҳзода халқнинг олдига чиқиб, ваъда қилинганни ижро этишдан олдин, қуйидаги сўзларни айтди: — Севикли Руҳим! Мен қилмоқчи бўлган нарса зоҳирий ва ботиний оламга кўрсатиш мақсадида қилинади. Мен сени Ўзимники ҳисоблайман. Сени хиёнаткорлардан ажрата билиш мақсадида қилинади, токи ўша хиёнаткорлар ўзларини Руҳ шаҳри аҳолисиданман, деб ёлғон айтмасинлар. Эммануил Ўз хазинасидан оппоқ либослар келтирилишини буюрди. Бу либосларни У Ўзининг суюклиси Руҳ учун тайёрлаб қўйган эди. Шаҳзоданинг хизматкорлари либосларни олиб келиб, йиғилган халқ олдида ёйдилар. Эммануил: «Бу ерда иштирок этаётганларнинг ҳар бири учун, бўйига ва гавдасига қараб либос берилсин», деб амр қилди. Аҳолининг ҳаммаси қордай оппоқ либосларга ўрандилар (Ваҳий 19:8). Шунда Шаҳзода уларга қуйидагича мурожаат қилди: — Эй суюклиларим! Энди сизлар Менинг хизматкорларим либосларига ўрандингизлар. Бу белги сизларни душман кучларининг хизматкорларидан ажратиб туради[112]. Мен бу либосларни фақат Ўзимнинг фуқароларимга инъом қиламан, ҳеч ким бу либосларсиз Менинг ҳузуримда бўла олмайди. Мен учун бу либосларни кийиб юринг, токи сизлар Менинг хизматкорларим эканингизни бутун олам билсин. Халқ оқ либосларда шундай товланардики, гўё қоронғу кечада ойнинг қуёшдан олган нурлари аксланаётганга ўхшарди. Уларнинг юзлари ҳам улуғвор, худди ғолиб келган жасур жангчига ўхшарди. — Лекин, — деб таъкидлади Шаҳзода, — бу либослар билан бирга, буларнинг олдингидай поклигини сақлашингиз учун қуйидаги керакли ўгитларни ҳам бераман: 1. Бу либосларни доимо кийиб юринглар[113], токи қандайдир тарзда душманларингиз хизматкорлари эгаллаб олмасин. 2. Бу либосларнинг оқлигини сақлашга ҳаракат қилинглар, агарда булғанса, Менинг номимга доғ тушади (Воиз 9:8). 3. Либосларингизни шундай кийиб юрингларки, токи либосларингиз ерга дахлдор бўлмасин. Акс ҳолда ернинг чанги юқиб, ифлос бўлади. 4. Яланғоч қолмаслигингиз учун, бу либосларни йўқотишдан эҳтиёт бўлинглар. Бўлмаса, бутун олам шармандалигингизни кўриб қолади. 5. Агарда Мен инъом қилган либосни булғасангиз, Иблис хурсанд бўлади. Мен эса буни истамайман. Бундай пайтда Менинг қонунимда ёзилганларни ижро этишга шошилинглар, токи сизлар Менинг олдимда ва тахтим олдида йиқилмасдан, қатъий тура олинглар (Лука 21:36). Мен сизларни тарк этмасдан, рад қилмасдан, ораларингизда истиқомат қилишим учун ягона омил шудир (Ваҳий 7:15). Шу тариқа Руҳ шаҳри аҳолиси, узукка кўз қўйгандай, Эммануилга яқин бўлиб қолди. Қайси бир ижод намунаси унга тенг кела оларди?! Иблиснинг ҳукмронлигидан озод бўлиб, жамоатнинг қаршилигига қарамай, Ўз Ўғли орқали қутқаришга юборган Шоҳ Шадайнинг суюклиси бўлиб қолган шаҳар Шаҳзоданинг маскани бўлиб қолди ва ҳозир ҳам Шоҳнинг хизматкорларидан энг суюклиси бўлиб, барча фаровонликлардан ва имтиёзлардан лаззат оляпти. Бундан ташқари, керак бўлиб қолганда, деб шаҳарга қурол, либослар ва ваъда ҳам берилган. Шаҳзода шаҳарда ўзгаришлар қилиб бўлгандан кейин, У: «Шаҳар энди Меники экани узоқдан кўриниб турсин», деб қалъа минорасида ўз байроғини ўрнатишга буюрди. Бундан ташқари, у қуйидагиларни амалга оширди: 1. У тез–тез аҳоли ҳузурига бориб турди ва «Ҳар куни шаҳар оқсоқоллари Менга кўриниб турсин», деб талаб қилди. У Эркин Майл бек билан, шаҳар ҳокими ва ҳалол воиз Виждон ҳамда янги солномачи билан тез–тез суҳбатлашарди. У шаҳар кўчаларидан ўтганда, ҳаммани дуо қилиб, ҳар бирининг кўнглини кўтарарди. Ҳамма камбағалларга қулоқ солар, агар хаста бўлсалар, ҳадя улашарди. Уларга Ўзи қарарди. Йўлбошчилар ва жангчилар билан мулойим саломлашарди. Унинг биргина табассуми ёки меҳрибон боқишлари уларни руҳлантирарди. У кўпинча аҳолини ўзиникида меҳмон қилар, хотира сифатида бирор нарса ҳадя қилмасдан ҳеч кимни қўйиб юбормасди. Руҳ Унга шунчалик азиз эди. 2. Агар оқсоқоллар узоқ вақт Эммаунилга кўринмасалар, Унинг Ўзи оқсоқолларга турли озиқ–овқатлар — Шоҳнинг дастурхонидан гўшт, май, нон юборарди. Бу таомларни шунчалик кўп юборардики, улар: «Бошқа ҳеч кимдан шунчалик фаровонликни кутиш мумкин эмас», деб тан олишлари керак эди. 3. Аҳоли Унга ташриф буюришдан тўхтаб қолаётганини фақат Ўзи билар ва аҳолининг ҳузурига бориб, уйларининг эшигини тақиллатар, ўзаро севги ипларини мустаҳкамлаш учун киришга ижозат сўрарди (Ваҳий 3:20). Шаҳзода оқибатсиз ижоди Руҳни маккор душманнинг ҳукмронлигидан эндигина қутқариб, аҳолини Ўзининг фаровонлигига шерик қилиб, Ўзи Руҳ шаҳрида истиқомат қилаётгани мўъжиза эмасми?! Бу ҳайрон қоладиган иш эмасмиди?! Уларнинг косалари ҳеч қачон камаймасди, яқиндагина юз берган кулфатлардан тинкаси қуриган Руҳга ҳаёт, куч берадиган ва узумзоридан олинган май ирмоғи қуримасди. Валинеъмат Шаҳзода Тақводор Олам деганни шаҳарнинг янги бошлиғи этиб тайинлади (Колоса. 3:15)[114]. У ҳам Шоҳ Шадай ҳузуридан келган одамлардан эди. У шаҳардаги жамики амалдорлардан юқори туриши керак эди. Тақводор Олам йўлбошчилар Имон ва Эзгу Умид билан дўстона муносабатда эди. Балки улар қариндош ҳам бўлсалар керак. Унинг лавозими бутун шаҳарни, айниқса, қалъани бошқаришдан иборат эди. Имон эса унга ёрдамчи қилиб берилди. Шуниси ажойибки, у шаҳарни бошқарган пайтда, бутун шаҳар роҳат–фароғатдан ҳузур топди. Жанжал ҳам, муштлашиш ҳам бўлмади, ҳар ким ўз иши билан машғул бўлди. Аёллару болалар ҳам қувноқ қўшиқлар айтиб, жон–диллари билан меҳнат қилишди. Бутун Оламда Руҳдан бахтлироқ шаҳар йўқ эди. Ёз мавсуми ана шу тарзда ўтди[115]. XII Боб Руҳ аҳолиси Такаббурнинг таъсирига тушиб қолади, аҳоли билан Эммануил ўртасига совуқлик тушади. Эммануил ўзини қаттиқ ҳақоратланган деб билади ва яширинча шаҳарни тарк этади. — Худодан қўрқув ҳисси Эммануилнинг кетиш сабабини аҳолига маълум қилади ва аҳоли Такаббурни йўқ қилишга отланади. Эммануилни қайтишга кўндириш учун чоралар кўрилади. Шаҳарда Манман деган бир иблис истиқомат қиларди[116]. У бутун жамоат учун оғир кулфат сабабчиси бўлди. Унинг насл–насаби қуйидагичадир: Иблис билан бирга шаҳарга келганлар орасида аллақандай Мағрур деган биттаси бор эди. У Қўрқмас деган хонимга уйланган ва уларнинг ўғиллари Манман туғилган эди. Ота томондан уни иблис деб ҳисоблаш мумкин эди. Она томондан эса шаҳарлик эди, чунки унинг онаси Эркин Майл бекнинг яқин қариндоши эди. У феъл–атвори жиҳатидан отасига ҳам, онасига ҳам тортган эди. Ҳар доим кучли томонда эди. Иблис ҳукмронлиги пайтида у аҳолини Шоҳ Шадайга қарши кўзғаган, Эммануил шаҳарни итоат эттиргандан кейин эса аҳоли Шаҳзодага итоат этсин, деб қаттиқ жон куйдирди. Табиатан сурбет бўлган Манман Эммануилнинг қонунлари ва фаолияти бўйича юзаки билимларини ишга солиб, аҳоли билан тез–тез гаплашадиган бўлди. У ишни Руҳнинг куч–қудрати ва ҳукмронлигини мақташдан бошлади ва гўё шаҳарни энди олиб бўлмайдигандай ишонтирди. У йўлбошчиларни, шаҳар ва қалъа бошлиқларини кўкларга кўтариб «Бундан буён, Эммануилнинг ваъдаси бўйича, шаҳар абадий: ҳузур–ҳаловатда кун кечиради», деб ишонтирди. Қарасаки, унинг гапларини диққат билан эшитяптилар. Энди у бу гапларини ҳамма жойда уйма–уй, кўчама–кўча юриб айта бошлади. Аҳолига унинг сўзлари ёқарди. Тез орада Манманнинг ноғорасига ўйнайдиган бўлдилар ва сал бўлмаса, унга ўхшаб манман бўлишларига оз қолди. Энди улар қуруқ гаплардан жин базмларга ўтдилар ва ҳ. Эммануил ҳамон ҳасрат билан нижот топган Руҳнинг хатти–ҳаракатларини кузатарди. Нафақат шаҳар аҳли, балки шаҳар бошлиғи Идрок, Эркин Майл бек ва янги солномачи ҳам Манманнинг маккорлик билан айтган сўзларига ишониб, боши берк кўчага кириб қолдилар. Эммануилнинг бир неча марта «Иблисларнинг маккор сўзларидан эҳтиёт бўлинглар» деб берган маслаҳатларини, «Шаҳарнинг куч–қудрати ва ҳукмронлиги унинг мустаҳкамлигига эмас, Мен қалъада бўлишимга боғлиқ», деб тушунтирганларини унутдилар. Қолаверса, Эммануил уларга яна шу нарсани ўргатган эди: «Сизлар доимо Отамга ва Менга бўлган севгиларингизни ёдингизда тутинглар, Биз кўрсатган йўлдан юринглар, ана шунда руҳий оламингиз қудратли дарёга ўхшаган бўлади, ўзларингизгагина алоқадор бўлган солиҳлигингиз ўзгарувчан денгиз тўлқинларини эслатади.» Эммануил билдики, шаҳар аҳолиси Манманнинг таъсирига тушиб қолган. Шаҳар аҳлини инсофга чақириш учун Эммануил Буюк Устозни уларнинг ҳузурига юборди. Кейин Руҳнинг янглишганидан йиғлаб, қайғу–алам билан шундай деди: «Эҳ, нимага улар Менга келишни бас қилдилар–а! Қандай қилиб улар Менинг ўзларига бўлган сегимни, инъомларимни унутдилар? Мен уларни ҳеч қачон тарк этмаган бўлардим.» Сўнг У «Қарорим шу: Руҳ эсини йиғиб олмаса, Мен шаҳарни тарк этиб, Отамнинг ҳузурига қайтиб кетаман», деб эълон қилди. У Бош вазирни уларга насиҳат қилиш учун икки марта жўнатди. Лекин шаҳар аҳли Унга қулоқ солмадилар, ҳатто Бош вазир Манман уюштирган зиёфатда уларга мурожаат қилганда, уни ҳақорат қилдилар. Шундан кейин Эммануил шаҳар аҳлининг ношукрлигидан дили оғриб, шаҳарни тарк этишга ва улардан узоқлашишга қарор қилди. Дастлаб бошқаларга аралашмай, қалъада ёлғиз қолди. Кейин аҳоли билан олдинги дўстона суҳбатларини тўхтатди. Ҳатто Шоҳ дастурхонидан ноз–неъматлар юбормай қўйди. Ниҳоят, баъзан Унинг ҳузурига шаҳар аҳлидан кимдир келганида, олдингидай, меҳмонларни ярим йўлда пешвоз чиқиб қучоқ очиб кутиб олмади. Уларни икки–уч марта тақиллатишга мажбур қилди ва совуқ қабул қилди. Эммануил: «Улар ақлини йиғиб олар», деб умид қиларди. Афсус, халқ Унинг эзгулигини, ўзларига бўлган Унинг севгисини унутган эдилар. Улар ҳатто Эммануилнинг қайғуларига эътибор ҳам бермадилар. Шаҳзода қалъани тарк этиб, дарвозага томон йўл олди ва шаҳардан чиқди (Ос. 5:15). Унинг ортидан дарров Тақводор Олам ҳам эргашди. Лекин бу пайтда аҳоли Манманнинг ўгитларидан шунчалик ақлдан озган эдиларки, Шаҳзоданинг кетганини аранг пайқаб қолдилар. Улар ҳатто Эммануил тўғрисида эсламай ҳам қўйдилар (Ерем. 2:32). Бир куни Манман катта зиёфат уюштирди. Зиёфатга бошқа таклиф қилинганлар билан бирга Худо Қўрқувси ҳам пайдо бўлди[117]. Манман Худо Қўрқувсини еб–ичиришга ва хурсанд қилишга ҳаракат этарди–ю лекин у ҳеч нарсага қўл тегизмадан, зиёфатда ўтирганларга индамай қараб ўтираверди. Шунда мезбон унга деди: — Тобингиз йўқми? Менда жуда зўр дори бор, Эзгуликни унутган деган танишим берган эди. Ўша ичимликдан бир томчигина ичсангиз бўлди, қувноқ, соғлом бўлиб қоласиз, бизнинг жамоатда ўзингизни анча яхши ҳис қиласиз. — Таклифингиз ва ғамхўрлигингиз учун раҳмат, — деди Худо Қўрқувси. — Лекин шаҳар аҳлига айтадиган бир неча оғиз гапим бор. Эй оқсоқоллар! Мени бир нарса ҳайрон қолдиряпти: шаҳримизда шундай кулфат юз берганда, сизларнинг руҳингиз кўтаринки, шод–хуррамсиз. Манман: Сиз дам олишингиз керак. Яхшиси, бориб, бир оз ухлаб олинг, бизнинг хурсандчилигимизга ҳалақит берманг. Худо Қўрқувси: Агар сен тошюрак бўлмаганингда эди, Манман, бу гапларни айтмаган бўлардинг. Манман: Нега энди? Худо Қўрқувси: Шаҳримиз яқингинада ҳам енгилмас шаҳар эди. Лекин сен билан аҳоли заифлаштирдингизлар. Ҳозир хушомад, сукут сақлаш пайти эмас. Сен, Манман, шаҳарни қуролсизлантирдинг, шаҳарнинг шуҳратини тортиб олдинг, минораларини буздинг, дарвозасини синдирдинг, қулф–калитларини ишдан чиқардинг. Сен билан шаҳар бошлиқлари ўзларингизни кўкка кўтарганларингиздан буён, ҳақиқий Куч ва Таянч бизни тарк этди[118], Бирортаси мендан, гапларингни тушунтириб бер, деб сўраб қолса, шундай савол берган бўлардим: «Шаҳзода Эммануил қани? Қайси бирингиз, Уни яқингинада кўрган эдим, деб айта оласиз?» Сизлар эса бу иблиснинг зиёфатида ўтирибсизлар, лекин у сизларнинг Шаҳзодангиз эмас. Сизларга айтиб қўяй: гарчи ташқи душман сизларни итоат эттира олмаса ҳам, ички душманларингиз Шаҳзода йўқ пайтида сизларни ҳалок қилади. Манман: Бўлди, бас қилинг.Наҳотки сиз шу қўрқувдан ҳеч қачон халос бўла олмасангиз?! Нимадан қўрқдингиз? Ким сизни хафа қилди? Кўриб турибсиз, мен сизлар билан биргаман. Сиз шубҳаланаётганингизга фақат мен аминман[119]. Бунинг устига ҳозир хафа бўладиган пайт эмас. Зиёфат хурсандчилик учун қилинади. Сиз ғамгинлигингиз билан бизни ҳам хижолат қилиб, еб–ичиб, хурсанд бўлишимизга халақит беряпсиз. Худо Қўрқувси: Мен ҳақиқатан ҳам қаттиқ қайғу чекяпман, чунки Эммануил бизни тарк этди. У сизларнинг дастингиздан, ҳеч кимни бу тўғрида огоҳлантирмасдан, кетиб қолди. Fазабнинг аломати шу эмасми?! Сизларга, муҳтарам оқсоқоллар, алоҳида мурожаат қилмоқчиман: сизлар нонкўр-ларча хулқ–атворингиз билан Уни қувиб юбордингиз. Гарчи ҳозирги лаҳзаларда хурсанд бўлсаларингиз–да, лекин заифлашгансизлар. Сизларга маслаҳатим шуки, зиёфатни қайғу билан, кайфу сафони йиғи билан алмаштиринглар. Шунда воиз — собиқ солномачи Виждон бу сўзлардан даҳшатга тушиб, айтди: — Биродарлар! Ҳақиқатан ҳам Худо Қўрқувси ҳақ гапни айтяпти. Биз ҳам Шаҳзодани анчадан буён кўрганимиз йўқ. Уни охирги марта қачон кўрганимизни ҳатто эслолмайман. Менга ҳам худди ўзимизни ўзимиз ҳалок қилгандай туюляпти. Воиз ва зиёфатдагиларнинг ҳаммаси ранглари оқариб, қўрқувдан титрардилар. Бир оздан кейин ўзларига келиб, Худо Қўрқувси билан (Бу пайтда Манман яширинган эди): «Бизга мусибат келтиргани учун айбдорни нима қилишимиз керак, ўзимизга Эммануилнинг севгисини қандай қилиб қайтарсак экан», деб маслаҳатлашиб, восвосчининг уйига бордилар ва уйини ёқиб юбордилар. Манман бор нарсаси билан бирга ёниб кетди. Кейин ҳамма Эммануилни ахтаришга киришди. Лекин афсус, Уни беҳудага излаган эканлар, топа олмадилар. Шунда аҳоли ўзларининг қабиҳ хулқ–атворини муҳокама қилдилар, «Шаҳзода бизнинг бузуқ хатти–ҳаракатларимиз туфайли шаҳарни тарк этган экан», деб тушундилар. «Буюк Устозга мурожаат қилайлик, Шаҳзодадан қандай қилиб кечирим сўрашимиз учун У бизга маслаҳат берсин», деб қарор қилдилар. Лекин Шаҳзода на тақиллатишга жавоб берди, на уларнинг олдига чиқди, аксинча, уларни қабул қилишни рад этди (Чиқиш 13:10; Эфес. 4:30). Бу кунни титраб, умидсизлик билан ўтказдилар[120]. Аҳоли «Ношукрлигимиз билан Шаҳзодани қаттиқ ҳақорат қилган эканмиз», деб тушуниб етдилар. Лекин энди нима қилишларини билмасдилар. Худонинг Куни[121] — тавба ва ибодат қиладиган кун келди. Ҳамма воизнинг сўзларини эшитиш учун кетди. Воизнинг овози гулдирарди. У ҳаммани хотирасизлиги учун, бунинг оқибатида келиб чиққан янги гуноҳлари учун аёвсиз савалади. Унинг ваъзи асосида Айюб пайғамбар китобидаги оятлар ётар эди: «Беҳуда ва сохта худоларни иззат қиладиганлар ўзларининг Меҳрибонини тарк этдилар…» (2:9). У шундай ишонтириш кучи билан гапирдики, барча тингловчилар бошларини қуйи солиб, ҳатто уйларига кетишга ҳам дармонлари йўқ эди. Воиз аҳолига насиҳат қилар экан, ҳатто ўзини ҳам аямади. «Эммануил менга ишониб топширган халқни асраш ўрнига, шу алдовларга мен ҳам ишондим», деб ўзига қаттиқ озор берди. Шу орада шаҳарда касаллик тарқалди. Деярли аҳолининг ҳаммаси касал бўлиб қолди, ҳатто йўлбошчилар ва жангчилар ўзларини дармонсиз ҳис қилардилар. Агарда душман шаҳарга ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳеч қаршиликсиз таслим бўлишлари турган гап эди. Аҳоли ранглари оқарган, тиззалари қалтираб, оҳ–воҳ қилиб, шаҳар кўчалари бўйлаб секин юришарди. Мана шундай оғир пайтда воиз халққа: «Шоҳ Шадай билан Унинг Ўғли ҳақли равишда ғазабландилар, шунинг учун рўза тутиб, итоаткор бўлайлик», деб таклиф қилди. У яна Воанаргесдан «Насиҳат сўзлардан айтсанг»[122] деб илтимос қилган эди, йўлбошчи Муқаддас Ёзувдан «Уни кесиб ташла, нега бекордан–бекорга ерни банд қилиб турибди» деган оятни танлади. Воиз донг қотиб қолди. Воанаргес аввало бу сўзлар айнан мевасиз анжир дарахтига қаратилганини тушунтириб берди. Агар мевасиз мавжудот ўлимдан қутулишни истаса, ундан нима талаб қилинишини ҳам тушунтирди. Ваъзнинг охирида Шадайнинг Каломидан ҳам ўқилди, кейин Шоҳдан ўша дарахтни кесишни сабр билан кутиб туришни ёлвориб илтимос Қилганнинг сўзлари, яъни Шадайнинг Ўғли Эммануилнинг сўзлари ўқилди. Йўлбошчи Воанаргеснинг сўзлари шунчалик кучли бўлдики, ҳамма аҳолини ларзага келтирди, бутун шаҳар бўйлаб умумий мотам бошланиб кетди, ҳамма жойда оҳ–воҳ, тавба–тазарру овозлари эшитиларди. Ваъздан кейин ҳамма собиқ солномачи Виждоннинг ёнига тўпланиб, ундан: «Энди бу ёғига нима қилишимиз керак?» деб маслаҳат сўради. У шундай жавоб берди: «Олдин қўшним Худо Қўрқувси билан маслаҳатлашмай туриб, сизларга ўз фикримни айта олмайман. У доимо, биздан кўра, Шаҳзодага яқин турган эди. Шаҳзодани қаҳридан қандай қилиб туширишимизни ҳаммадан кўра, у яхши билади.» Олийжаноб қария ўша зоҳоти чақириққа жавобан етиб келди ва шундай жавоб берди: «Менимча, Шоҳ Ўғлига итоаткорлик билан кечирим мактуби ёзиш керак[123]. Мактубда қаттиқ тавба қилганларингизни ифодалаб, Руҳга буюк марҳамат кўрсатинг, шаҳарга қайтинг, деб илтимос қилишларингиз керак.» Ҳамма бир овоздан рози бўлди. Кечирим мактубини ёзиб, ўзларининг шаҳари бошлиғи Идрокни ноиб қилиб сайлашди. У мактубни олиб, Шадайнинг саройига жўнади. Лекин дарвозага етиб боргандан кейин қарасаки, дарвоза берк, дарвоза олдида соқчилар турибди (Йиғи. 3:8). Элчи эсанкираб, кўрқиб узоқ вақт туриб қолди. Ниҳоят, «Келганимни Шоҳга хабар қилсаларингиз», деб сўрашга журъат қилди. Кимдир бориб, Шоҳга ва Шаҳзодага: «Дарвоза олдида қўлида кечирим мактубини ушлаб шаҳар бошлиғи турибди», деб хабар берди. Лекин Эммаунил уни ичкарига киритишга ижозат бермади, аксинча, унга қуйидагиларни етказишни буюрди: «Улар Мендан юз ўгирдилар. Энди бошларига кулфат тушганда, «Кел, бизни қутқар», деб Мени чақирмоқдалар. Улар Манманни Мендан афзал кўрган эканлар, ўша дўстлари Манманга мурожаат қилаверсинлар. Роҳат–фароғат пайтида Менга муҳтож бўлмайдилар, оғир вазиятда қолганларида эса Мени излаб қоладилар.» (Еремиё 2:27,28) Эммануилнинг бу жавоби илтимос қилиб келган бечорага жуда қаттиқ ботди. У «Бошқа умид йўқ экан–да», деб ишонч ҳосил қилиб, орқага қайтар экан, кўкрагига уриб, умидсизликка тушиб, оҳ чекарди. Бутун шаҳар аҳли уни кутиб олишга пешвоз чиқди. Лекин узоқдан унинг ғамгин аҳволини кўриб, аҳоли ҳам умидсиз аҳволга тушди. Бошларига кул сочиб, қанор кийдилар, уларнинг оҳу ноласи бутун атрофни тутди. Ниҳоят, улар яна Худо Қўрқувсига маслаҳат сўраб мурожаат қилдилар. Худо Қўрқувси «Умидсиз бўлманглар, Шоҳ Шадай донолик билан айбини бўйнига олиб, Ўзига итоат этганлар учун керакли чорани топади, сизлар Ундан сўрашни давом эттираверинглар»[124], деб ўргатди. Шаҳар аҳли яна итоаткорлик билан кечирим сўраб ёзилган мактубларини жўнатавердилар. Ҳар соатда Шоҳга илтимос билан чопар жўнатавердилар. Саройга олиб борадиган йўл доимо шаҳардан бораётган ёки қайтиб келаётган чопарлар билан банд эди. Бу ҳодиса узоқ — совуқ, зерикарли қаттиқ қиш давомида асло тўхтамади[125]. XIII Боб Эммануил кетгандан кейин Иблис тарафдорлари ўзларини дадил ҳис қиладилар ва шаҳарга зулмат беги Маккорнинг ҳукмронлигини қайтариш тўғрисида бош қотирадилар, Ҳиссиёт ва Fазаб ўз исмларини ўзгартириб, аслзода оилаларга хизматкор сифатида кириб келадилар, хўжайинларини йўлдан оздирадилар ва бутун шаҳарга катта зарар келтирадилар. — Иблис ўттиз минглик Шубҳа қўшини билан шаҳарга қўққисдан ҳужум қилмоқчи бўлади. Эҳтимол, ёдингизда бордир, Эммануил шаҳарни эгаллаган пайтда, иблисларнинг кўпчилиги шаҳар ичидаги ва ташқарисидаги ҳандақларда, ғорларда ва қояларда яширинишга мажбур бўлган эдилар. Улар Шаҳзодадан қасос олиш учун қулай пайт пойлаб, вақтинча ювош бўлиб қолган эдилар. Улар оз эмас эдилар. Энг машҳурлари Фаҳш, Сотқин эр–хотин, Қатл, Fазаб, Ҳиссиёт, Алдов, Ёвуз боқиш, Худосиз ва эски қаллоб Маккор эдилар. Эммануил шаҳарга кирганда, ўша ярамасларни қўлга олиш учун ҳар қандай воситаларни ишга солиш ва ўша зоҳоти қатл қилиш тўғрисида буйруқ берган эди[126]. Чунки улар Эммануилнинг ва шаҳар аҳлининг душманлари, уларга кўп зарар келтиришлари мумкин эди. Лекин Эммануилнинг буйруғи аҳолининг лоқайдлиги туфайли ижро этилмаган, иблислар битта–иккита бўлиб шаҳарда пайдо бўлиб қоларди. Афсус, улар аҳолининг баъзилари билан яқинлашишга улгурдилар. Бу қаллоблар аҳолининг Шаҳзодага кўнгли совуганини ва Унинг шаҳардан кетганини билганларидан кейин, кечиктирмасдан ҳаракат қилмоқчи бўлдилар. Бир куни улар аллақандай Зарарли деганнинг уйида йиғилишиб: «Қандай қилиб шаҳарга ўзимизнинг бегимиз Иблисни қайтариб олиб келиб, унинг ҳукмронлигини ўрнатсак экан», деб муҳокама қилдилар. Бири ундай деди, бошқаси бундай деди. Ниҳоят, Ҳиссиёт ўз фикрини айтди: «Шаҳарнинг энг асл зотларини хизматкорликка таклиф қилиш керак. Шунда биз ва бегимиз Иблис шаҳарни осонликча эгаллаб оламиз.» Лекин Қатл эътироз билдирди: «Йўқ, энди имкони йўқ. Шаҳар қўзғалган ҳолатда турибди, чунки бизнинг Манман шаҳарнинг Шаҳзодаси билан жанжаллашиб қолган. Бунинг устига Руҳ Эммануилдан буйруқ олган: биз пайдо бўлишимиз биланоқ, Руҳ бизни тутиб қатл қилади. Мабодо марҳум бўлиб қолсак, биз ҳукмдоримизга қандай фойда келтира оламиз?! Лекин биз тирик эканмиз, кўп нарса бизнинг ҳукмронлигимиз остидадир.» Кўп тортишувлар, мулоҳазалардан кейин, ниҳоят, Иблисга мактуб ёзиб, ундан маслаҳат сўраш тўғрисида қарор қилдилар. Мактубнинг мазмуни қуйидагича эди: «Улуғ ҳукмдоримиз, Дўзахда макон қилган бегимиз Иблисга. Биз тубанда қўл қўювчилар, сендан ҳар турли ноз–неъматлар олган садоқатли хизматкорларинг, сенга қарши қўзғалган Руҳ шаҳрига совуққонлик билан қараб тура олмаймиз. Чунки бу шаҳар аҳли сенинг номингни ерга урди, сенинг тасвирингни оёқ–ости қилди. Шу лаҳзаларда сенинг йўқлигинг биз учун ниҳоятда оғир. Сени безовта қилишга журъат этишимизнинг сабаби шуки, сени шаҳарга қайтаришни жуда истаймиз. Чунки шаҳар Шаҳзодадан юз ўгирди, Эммануил ҳам шаҳарга қўлини силтаб, кетиб қолди. Аҳоли кечирим сўраб «Бизнинг орамизга қайтинг», деб Унга мактуб жўнатяпти. Лекин ҳаммаси беҳуда чиқяпти, шаҳар аҳли ҳозирча Эммануилсиз яшаб турибди. Шаҳарда ёппасига хасталик, руҳан тушкунлик, нафақат оддий халқ орасида, балки муҳим шахслар ва шаҳар бошлиқлари орасида ҳам юз берган. Фақат биз, ҳақиқий иблислар, соғ–саломатмиз. Хуллас, буларнинг ҳаммаси шаҳар аҳлини заиф, ночор қилиб қўйган. Улар сенинг ғаройиб маккорлигингга қарши туришга қодир эмаслар. Агар сен, эй бегимиз, қўл остингдаги беклар билан ҳужум қилишга журъат этмоқчи бўлсанг, бизни хабардор қил. Биз, сенинг қулларинг, ҳамма буйруқларингни бажарамиз. Фалончи–фалончилар сен учун азиз бўлган Руҳ шаҳридаги Зарарлининг уйи-да қўл қўйдик.» Шундан кейин Номуссиз деганга мактубни бериб жўнатдилар. У Дўзахга бориб, темир дарвозани тақиллатган эди, Қаҳрли Соқчи дегани дарвозани очди[127]. У Номуссизнинг қўлидан мактубни олди–да, «Шаҳардаги содиқ дўстларимиздан хабар келибди», деб Иблисга узатди. Шу зоҳоти янгиликни эшитиш учун ҳар томондан Болзабул, Люцифер, Аполлион ва Иблисининг қўли остидаги бошқа зулмат беклари кела бошладилар. Мактубни ўқиганларида, бу хушхабар ҳаммага тарқалди. Иблис «Ўлим қўнғироғи чалинсин!» деб буйруқ берди[128]. Қўнғироқнинг ҳар бир зарби «Руҳ ҳадемай биз билан бирга истиқомат қилади, унга жой тайёрлаб қўйинглар», деб хабар берар эди. Бу даҳшатли маросим тугагандан кейин, улар: «Дўстларимизга қандай жавоб берсак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Ниҳоят, Номуссиз орқали қуйидаги мазмунда мактуб жўнатдилар: «Руҳ шаҳрида истиқомат қилувчи бизнинг ақлли, кучли болаларимизга — иблисларга бек Иблисдан. Бошлаган ишларингизга омад тилайман, чунки сизлар бизнинг улуғ номимизга севги ҳислари ва ҳурмат билан бу ишларни бошладингиз. Суюкли болаларимиз, шогирдларимиз! Сизлар юборган ёқимли хабарни чексиз хурсандчилик билан қабул қилдик. Биз зулмат шоҳлигида зерикиб ўтирган эдик. Ўлим қўнғироғи бу янгиликни ҳамма фуқароларимизга тантанали равишда эълон қилди. Улар ҳам «Шаҳарда бир қанча дўстларимиз қолган–да», деб биз билан бирга шодланишяпти. Шаҳзода шаҳарни тарк этибди, у ерда ёппасига хасталик, турли–туман заифликлар бошланибди. Бу хабарни эшитиш биз учун нақадар ёқимли! Албатта, биздан юз ўгирган шаҳарни эгаллаш учун ҳамма маккорлигимизни ва айёрлигимизни ишга солмаймиз. Сизларни эса садоқатингиз ва содиқ хизматингиз учун мағлуб этилган шаҳарнинг бошлиқлари этиб тайинлаймиз. Ишонаверинглар, шаҳарни иккинчи марта эгаллаганимиздан кейин, қўлдан чиқармаймиз, аксинча, кучларимизни ўн марта кўпайтирамиз. Агар одам иккинчи марта бизнинг ҳукмронлигимиз остида қолса, бир умрга бизники бўлади. Қолаверса, Шаҳзоданинг қоидаси ҳам шу. Хуллас, садоқатли дўстларимиз, дадил бўлинглар, мақсадга эришиш учун кучни, барча воситаларни аяманглар. Ўзларингиз шароитга қараб иш тутинглар: аҳолини умидсизликка тушириш керакми, фаҳшона ҳаёт кечиришлари учун уялмасликка кўндириш керакми, ёки такаббурликдан, манманликдан ёрилиб кетишларига йўл қўйиб бериш керакми. Ишларингизда омад тилаймиз, дўзахимизда истиқомат қилувчиларнинг дуоларини, бекингиз ҳамда отангизнинг сизларга хайрихоҳлигини қабул этгайсиз. Бу мактуб Руҳнинг душмани, бек Иблис номидан Номуссиз орқали Руҳ шаҳрида истиқомат қилувчи вакилларимизга етказиш учун барча зулмат беклари билан келишилган ҳолда Дўзах дарвозасида ёзилди.» Номуссиз тўппа–тўғри Зарарлининг уйига йўл олди. Чунки иблислар доимо унинг уйида йиғилишарди. Улар Номуссизни тирик, ҳеч қандай зарар етмаган ҳолда кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар. Улар бекнинг жавобини ўқиганларидан кейин, «Қандай қилиб ишни бошласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. «Биринчи шарти, — деб қарор қилди улар, — ўзимизнинг шаҳарда мавжуд эканлигимизни қаттиқ сир тутамиз.» Сўнгра Алдов ўрнидан туриб, бошқаларга шундай нутқ ирод қилди: «Жаноблар! Буюк дўзахнинг сирли кучлари! Менга қулоқ солинглар. Агар биз шаҳар аҳлига такаббурликни ва манманликни уқдирсак, бизнинг фойдамизга бўлиши шубҳасиз. Агар фаҳш ҳаёт кечиришларига кўндирсак, буниси ҳам ёмон бўлмайди. Лекин менимча, муваффақиятга эришишнинг энг ишончли йўли — уларни қаттиқ умидсизликка туширишдир. Ана шунда улар Шаҳзоданинг ўзларига бўлган севгисига шубҳа билан қарайдиган бўладилар, биз томонга ўтиб, Шаҳзодага, авф этинг, раҳм қилинг, деб ёлворишни тўхтатадилар. Улар: «Бекордан–бекорга сўрагандан кўра, ҳеч нарса сўрамаган афзал», деган хулосага келадилар.» Ҳаммага Алдовнинг маслаҳати маъқул келди. Сўнгра: «Руҳни қандай қилиб эгалласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Яна Алдов осонлик билан эришиладиган аёрликни ўйлаб топди: «Бекимиз Иблиснинг энг фидойи дўстлари шаҳар аҳли киядиган либослардан кийишсин[129], исмларини ўзгартириб, ўзларини қишлоқ одамлари қилиб кўрсатсинлар–да, бозорга боришсин, зодагонларнинг хизматига кирмоқчимиз, деб айтишсин. Лекин биродарлар, хўжайинларингизнинг манфаатини кўзлаб, уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилинглар. Тез орада уларни осонлик билан шундай фаҳш йўлига соласизларки, ўшанда уларнинг Шаҳзодаси нафақат қаттиқ ғазабланади, балки улардан тамомила юз ўгиради. Бизнинг бегимиз эса қийинчиликсиз ўз ўлжасини олади, уларнинг ўзлари, пишган мевадай, бегимизнинг оғзига тушади.» (Наум. 3:12). Бу таклиф жамоатга жуда ҳам маъқул келди. Лекин улар: «Ҳаммамиз бу иш билан шуғулланишимиз керак эмас», деб қарор қилдилар ва учтасини — Маккорни, Ҳиссиёт ва Fазабни танлашди. Маккор ўзига Доно Эҳтиёткор деб, Ҳиссиёт — Безарар Қувонч ва Fазаб — Мақтовли Иштиёқ деб исм бердилар. Эртасига бозор куни эди[130]. Шаҳар аҳолисининг оқ либосларига ўхшаш оқ қўйнинг терисини кийиб олган учтаси бозорда пайдо бўлди. Улар шаҳар аҳлининг тилида жуда яхши гапирар эдилар. Ўзларини хизматкор сифатида тақдим қилганлари учун ўша зоҳоти уларни ёлладилар. Чунки улар хизматлари эвазига кўп пул талаб қилмадилар, балки садоқат билан, чарчамасдан хизмат қилишга ваъда бердилар. Эркин Майл бекнинг собиқ хат ташувчиси Мулоҳаза Доно Эҳтиёткорни, Худо Қўрқувси — Мақтовли Иштиёқни ўзларига хизматкор қилиб олдилар. Безарар Қувонч эса рўза пайти бўлгани учун жой топа олмади. Рўза тугагандан кейин Эркин Майл бек уни ўзига хизматкор қилиб олди. Учала қаллоб бу уйларда жойлашиб олиб, зарарли таъсирлари, ахлоқсизликлари, айёрликлари билан хўжайинларини буздилар. Бу борада айниқса, Доно Эҳтиёткор билан Безарар Қувонч ўтиб кетдилар. Лекин Мақтовли Иштиёқ Худо Қўрқувсини ўз тўрига илинтира олмади. Худо Қўрқувси кўп ўтмай янги хизматкорининг иккиюзламачидан бошқа ҳеч ким эмаслигини билиб олди. Бу ёвузнинг кимлиги ошкор бўлиб қолгандан кейин, Мақтовли Иштиёқ хўжайинининг уйидан қочиб кетди. Акс ҳолда Худо Қўрқувси уни осиши мумкин эди. Лекин иккала иблис муваффақиятга эриша борди. Улар хурсанд бўлиб: «Хўжайинимиз шаҳарга кириши учун қайси кунни белгиласак экан», деб муҳокама қилдилар. Ниҳоят, «Бозор куни энг қулай кун, бекорчи одамлар ҳеч қачон бу куни ҳушёр бўлмайди», деб қарор қилдилар. «Бунинг устига, — деб қўшимча қилишди улар, — ҳеч кимда шубҳа уйғотмасдан ҳаммамиз йиғилишимиз мумкин. Чунки ҳамма ўз иши билан банд бўлади. Мабодо ҳеч нарсага эриша олмасак, биз осонликча қочиб кетиб, яширинишимиз мумкин.» Шундан кейин улар ўзларининг муваффақиятларини таърифу тавсиф қилиб, бегига иккинчи мактубни ёздилар. Мулоҳаза тамомила Доно Эҳтиёткорнинг таъсири остида қолган, Эркин Майл бекни эса Ҳиссиёт таслим этган эди. Фақат Fазаб Худо Қўрқувсини йўлдан ура олмади. Бу пайтда иблислар ўзларининг бошлиғи фойдасига шундай айёрлик билан ҳаракат қилдиларки, шаҳарнинг аҳволи бирмунча ачинарли аҳволда эди. Чунки аҳоли афв этиш тўғрисида қанча кечирим сўраб мактуб ёзган бўлсалар ҳам, лекин Эммануилдан ҳеч қандай жавоб олмаган эдилар. Шунинг учун ўзларининг олийжаноб Шоҳи Шадайни ва Унинг Ўғлини қаттиқ ҳақорат қилишарди. Аксинча, Шаҳзодани улардан яшириб турган булут яна ҳам қора бўлиб туюларди. Касаллик аҳолининг ҳамма қатлами орасида ҳукм сурарди. Фақат Руҳнинг душманлари соғ–саломат эдилар. Иблислар мактубни яна Номуссизга бердилар. У шошилганича зулмат шоҳлигига йўл олди. Эшикни яна ўша Қаҳрли Соқчи очди. Номуссиз қоп–қоронғу ғорга кирди ва Иблисга етти букилиб таъзим қилиб, унга мактубни берди. — Хуш келибсан, садоқатли хизматкорим, — деди зулмат беги. — Руҳ сизнинг қўл остингизда бўлсин, тоабад унинг устидан ҳукмронлик қилинг, — деб жавоб берди Номуссиз. У шу сўзларни айтганда дўзах қаъридан шундай қаттиқ ҳайқириқ чиқдики, атрофдаги тоғлар ларзага келди. Мактубни ўқиганларидан кейин, бекнинг одамлари ишнинг аҳволини муҳокама қила бошладилар. Биринчи бўлиб Люцифер сўз олди. Люцифер. Иблисларнинг ишлари мақтовга сазовор, одамларни улар пароканда қилишни мақсад қилган эканлар, одамларнинг ҳушёрлигини йўқ қилишнинг энг ишончли йўли шудир. Эски дўстимиз Балъом ҳам ўтмишда шундай қилган эди. Ҳамма иблислар ундан намуна олсин. Лекин менимча, айнан бозор куни шаҳарга ҳужум қилишимиз тўғри эмас. Балки ўша куни соқчиларни кучайтирарлар? Агар шундай қилсалар, бундай аҳволда биз ҳалок бўламиз. Болзабул. Фикринг маълум даражада тўғри, шубҳасиз, эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Аввало билишимиз керак: шаҳар ўз заифлигини ҳис қиладими, ҳар доим соқчиларни тайёр қилиб туришларидан биз ҳужум қилиб қолишимиздан қўрқадиларми, ёки аҳоли шунчалик уйқуга кетганки, яқинлашиб келаётган хавф–хатардан заррача ҳам ташвишланмайдиларми. Иблис. Лекин биз буни қандай қилиб била оламиз? Болзабул. Бу тўғрида Номуссиз бизга айтиб бериши мумкин. Номуссиз: Жаноблар! Шаҳарнинг аҳволи тўғрисида менга шулар маълум: аҳоли ишонч ва севгини йўқотганлар, Эммануил уларни рад этган. Гарчи Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзган бўлсалар–да, У жавоб беришга шошилмайди, гўё аҳолини унутган. Иблис: Уларнинг заифлигидан чинакамига қувонаман, лекин уларнинг Эммануилга тез–тез мурожаат этишлари қаттиқ хавотирга солади. Албатта, уларнинг ахлоқсизлиги шуни исботлайдики, улар чин юракдан илтимосларини юбормайдилар. Қаердаки бирон нарса қалбдан килинмас экан, у ерда ҳамма нарса асоссиз бўлиб қолаверади. Марҳамат, жаноблар, фикрларингизни айтаверинг. Болзабул: Агар Руҳнинг аҳволи Номуссиз айтгандай бўлса, қачон ҳужум қилишимиз — бозор куни бўладими ёки бошқа куни бўладими — биз учун фарқи йўқ. Аполлион: Менимча, ҳужум қилишни бир оз орқага суришимиз керак. Лекин ҳозирча Руҳни иллат йўлига буришга ҳаракат қилишимиз керак[131]. Шу нарса маълумки, у қанчалик гуноҳга кўп ботса, у ўзини душмандан шунча оз ҳимоя қилади ва Эммануилдан тобора узоқлашиб боради. Охир–оқибатда Уни бутунлай унутади. Шаҳзода ҳам ундан хабар олмай қўяди. Садоқатли ёрдамчимиз Манман битта маккорона қилмиши билан Эммануилни шаҳарни тарк этишга мажбур қилди. Гарчи мендан кам билмасаларингиз ҳам, сизларга тўғрисини айтай: агар икки–учта иблис садоқатли дўстларимиз бўлиб ақл билан иш тутса, бутун лашкаримизга қараганда, Руҳга кўпроқ зарар келтириши мумкин. Руҳ иллатни ўзига сингдиришини ва иллатга кўникишини кутиб турайлик, шундан кейин Эммануил Ўз йўлбошчиларини ва лашкарларини чақириб олади. Шаҳар аҳли ўзлари дарвозани очиб, бизни мамнуният билан қабул қилади. Лекин булар бир неча кун ичида юз бермайди, кутиб туриш керак. Лекин Иблис бунга эътироз билдирди: — Жаноблар, менинг дўзах кучларим, садоқатли дўстларим! Гапимга қулоқ солинглар. Сизларнинг гапларингизни сабр–тоқат билан эшитишга ҳаракат қилдим, лекин бу ёғига чидолмайман. Чанқоқликдан қуриган томоқларим Руҳ мендан тортиб олган мулкдан тетик бўлишни талаб қилади. Бошимизга қандай кун тутишидан қатъий назар, ҳалок бўламизми, ёки тантана қиламизми, кучларингиз борича менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан. Мен шаҳарни олгани бораман. Бек ҳузурида йиғилганлар ўз хўжайинларининг «Шаҳарни эгаллайман», деган истагини эшитганларида, муҳокамани тугатдилар ва Унга ҳар жиҳатдан мослашишга қарор қилдилар. Шундан кейин юришни қачон, ким билан бошлаш тўғрисида мулоҳаза билдира бошладилар. Охири «Яхшиси, енгилмас Шубҳа[132] қўшинини йиғиш керак, шаҳарда истиқомат қилаётган дўстларимизга мактуб орқали билдиришимиз керак«, деган қарорга келдилар. Мактубни Номуссиз олиб кетадиган бўлди. Шубҳанинг лашкари 30.000 га етди. Иблис: «Дўмбира овози билан Шубҳа мамлакатининг аҳолиси чақирилсин«, деб буйруқ берди. Шубҳа мамлакати Дўзах дарвозаси деб номланадиган жойлар атрофида эди. «Бекларнинг ўзлари лашкарга қўмондонлик қилсин», деб қарор қилинди. Кейин бор маҳоратларини ишга солиб, шаҳарда интизорлик билан кутаётган иблисларга жавоб ёздилар, мактубда: «Руҳни ҳар турли иллатлар билан янада заифлаштиринглар», деб қайрадилар. Сўнг «Лашкарни кутиб олиш учун доимо тайёр бўлиб туринглар», деб хабар бердилар. Номуссиз хатни олиб ортига қайтди. Хизматкорнинг ёнидан ўтаётиб: «Ҳадемай шаҳарга янгидан ҳужум бошланади», деб ёқимли хабар айтди. У тўппа–тўғри Зарарлининг уйига йўл олди. У ерда ҳамма иблислар йиғилишган эди. Номуссиз уларга таъзим қилиб, мактубни берди. Мана Руҳ қанчалик ачинарли аҳволда қолган эди! У Шаҳзодани ҳақорат қилгани учун, Шаҳзода уни тарк этди. Руҳ телбаларча хатти–ҳаракати билан унинг ҳалокатини истаётган дўзах кучларига йўл очиб берди. Тўғри, баъзан у ўз айбини ҳам тан оларди. Лекин иблислар шаҳарнинг қоқ юрагида мустаҳкам ўрнашиб олган эдилар. Аҳоли Эммануилга кўз ёшларини тўкиб илтижо қилдилар. Лекин Эммануил улардан узоқ бўлиб, уларнинг ноласига жавоб бермади. У қачонлардир келадими, келмайдими — аҳоли билмасди. Айни пайтда улар иблисларнинг ўзларига қарши фитнасини ҳам билмасдилар. Улар Эммануилга мактуб кетидан мактуб жўнатавердилар, лекин жавоб фақат сукутдан иборат эди. Улар руҳан қайта ўзгаришга интилмадилар. Бу эса Иблиснинг манфаатига мос келарди. Иблис билардики, фуқаролар юракдан иллатга берилганлари учун, Шоҳ Шадай ҳеч қачон уларнинг кечирим сўраб қилган илтижоларини қабул қилмайди. Руҳ аҳли кундан–кунга заифлашиб борарди. Улар Эммануилга ёрдам сўраб илтижо қилдилар, ўзлари эса иблисларга меҳр қўйдилар. Шаҳзода уларга қандай жавоб ҳам берар эди?! Инсоний ва иблисона хусусиятлар шунчалик қоришиб кетган эдики, бирини иккинчисидан айириб бўлмасди. Аҳоли тинчликни хоҳларди, шунинг учун ҳатто Шоҳнинг душманлари билан ҳам ҳамжиҳатликда яшайвердилар. Уларнинг заифлиги — душманларнинг қудрати, уларнинг иллати — иблисларнинг тантанаси эди. Минглаб ерли аҳоли ҳалок бўлиб бораётганда, иблислар тобора кўпайиб борардилар[133]. Шаҳардаги 11000 дан ортиқ эркак, аёл ва болалар хасталикдан ҳалок бўлди. XIV Боб Жаноб Синчков фитнани фош қилади. — Руҳ ҳокимияти шаҳарни ҳимоя қилиш учун чоралар кўради. — Иблис тарафдорларининг кўпчилиги қатл қилинади. — Шубҳа қўшини шаҳарга яқинлашади. — Овоза дарвозасига ҳужум қиладилар, лекин ҳужум қайтарилади. — Зулмат бегининг ноғорачиси ярашиш учун ишора беради, лекин Руҳ аҳолиси бу ишорага аҳамият бермайди. — Иблис хушомад билан аҳолини алдашга ҳаракат қилади, лекин шаҳар ҳокимидан қилмишига яраша жавоб олади. — Иблиснинг иккита ёш тарафдорлари — Майнавоз ва Хушчақчақ қатл қилинадилар. — Юлғич билан Шипиринқи осиладилар. — Бепарво ва Ахлоқсиз қамаладилар. Шаҳарда Синчков[134] деган биттаси истиқомат қиларди. Руҳ аҳолиси уни жуда яхши кўрарди. Унинг бир одати бор эди: у доимо, шаҳарга бирон нарса хавф солмаяптимикан, деб у ёқдан–бу ёққа юрарди. У ҳаддан ташқари шубҳаланувчи бўлиб: «Иблислар ичкаридан ва ташқаридан аҳолига зарар етказмасин», деб доимо хавфсирарди. Бир куни у кечаси ҳар бир овозга қулоқ солиб сайр қилиб юрган эди. Бир пайт у Разил дарвозасига келди. Ўша ерда Синчковнинг қулоғига шивирлашга ўхшаган бир нарса эшитилди. У сергак бўлиб, яқинроқ борди ва билдики, ҳадемай Иблис яна шаҳарни эгаллар экан, аҳоли найзага илиниб улоқтирилар экан, Шоҳнинг йўлбошчилари ва лашкарлари эса ўлдирилар ёки ҳайдаларкан. Бу воқеа тез орада бўлар экан. Синчков ишга киришди. У зудлик билан билганларини шаҳар бошлиғига етказиш учун жўнади. Шаҳар бошлиғи ҳам воиз Виждонни чақирди ва унга юз беражак даҳшатли воқеани айтди. Воиз «Қўнғироқлар чалинсин», деб буйруқ берди ва бутун шаҳарни оёққа турғизди. Аҳоли тўплангач, воиз уларга «Ҳушёр бўлинглар», деб эшитанларини айтиб берди. «Бу хабарни, — деб таъкидлади воиз, — аллаким эмас, айнан Синчковнинг ўзи етказди. Бу одам соғлом фикри, идроклилиги билан ҳаммага маълум, у қуруқ иғвогар эмас, балки ҳамма масалани ипидан–игнасигача текширади. Мен ҳозир уни чақиртираман, унинг ўзи билганларини сизларга айтиб беради.» Синчков келиб, эшитганларини батафсил айтиб берди. «Афсус, — деб мурожаат қилди воиз унга, — биз осонлик билан Иблисга ишонишимиз мумкин, чунки биз Шоҳ Шадайни ғазаблантирдик, Эммануилни ғазаблантирдик. Шунинг учун У бизни тарк этди. Бунинг устига биз ҳар доим иблислар билан суҳбат қурдик, Шаҳзоданинг ҳадяларини менсимадик. Ички ва ташқи душманларимиз бизни ҳалок қилишга қасд қилганларига ажабланмасак ҳам бўлади. Хасталикдан тамомила заифлашиб, кўпгина соғлом фикрли одамларимиздан айрилдик, иблислар эса кучайиб кетдилар.» Шаҳар аҳли бу хабарни эшитганларидан кейин, улар дод–фарёд қилдилар. Лекин дарров эсларини йиғиб олиб, телбаларча ахлоқсизликларини ўнглашга киришдилар. Эммануилга икки карра кўп кечирим сўраб мактуб ёза бошладилар. Сўнгра улар шаҳар бошлиқларига мурожаат этиб: «Тунги ва кундузги соқчиларни икки баробар кўпайтирсангиз, шаҳарни мустаҳкамлаб, ҳаммага етарли қурол тайёрлаб берсангиз, токи душманнинг ҳужумини муваффақият билан даф қилайлик», деб илтимос қилдилар. Шоҳнинг қўмондонлари ҳам йиғилишиб: «Душманга қарши тайёр бўлиб туришимиз учун шаҳарни қандай қилиб мустаҳкамласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Улар Руҳни самимий яхши кўрар эдилар, лекин шаҳарда узоқ вақт қолганлари учун, уларга ҳам оммавий хасталик юққан эди. Гарчи улар бошқаларга ўхшаб хасталикдан ўлмаган бўлсалар–да, роса озиб кетдилар. Лекин бу хабар уларни шунчалик ҳайратга солдики, у ўзларидан ҳамма заифликларни қоқиб ташладилар ва янги куч билан ишга киришдилар. Улар қуйидагича чоралар кўришга қарор қилдилар: 1. Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари маҳкам беркитилсин, дарвозадан кириб, чиқадиганларнинг ҳаммаси яхшилаб текширилсин. Руҳни ҳалок қилиш учун фитна уюштирганлар шаҳардан чиқиб кетишни хаёл қилсалар, ушланиб, ҳукмга олиб келинсин. (Йиғи. 3:40). 2. Шаҳарда ўрнашиб олган иблисларнинг ҳамда иблисларга бошпана бериб, уларни ҳимоя қилган фуқароларнинг исмлари, манзили аниқлансин. Ҳаммаси катта майдонда намуна учун жазолансин. (Ибр. 12:15,16) 3. Ҳамма уйлар томидан ертўласигача қараб чиқилсин, фитнада иштирок этганлар аниқлансин ва қамалсин. (Ерем. 5:26). 4. Умумий рўза эълон қилинсин, тавба қилиш ва Эммануилнинг ҳамда Шоҳ Шадайнинг исмини шарафлаш учун бир кун белгилансин. (Ноил 1:14; 2:15, 16) Агарда фуқаролардан кимдир бунга риоя қилмаса ва ўзларининг дунёвий ишлари билан машғул бўлсалар, бундай одамлар иблислар деб қаралсин ва зудлик билан Иблиснинг ҳамма хизматкорларига ўхшаб ҳукм қилинсин. 5. Яна Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзишга, Синчков билган ва айтганларни ёзма равишда Унга баён қилишга қарор этилди. 6. Ниҳоят, Синчковга умум манфаати йўлида ҳаракат қилгани учун бутун шаҳар номидан миннатдорчилик эълон қилишга, соқчилар бошлиғи ўрнини эгаллашни илтимос қилишга қарор этилди. Ҳаммаси жой–жойида қилинди. Синчков ўз манфаатидан кечиб вазифасини бажаришга киришди. У фақат шаҳарнинг ҳар бир аҳолисини кузатиб қолмади, балки шаҳар ташқарисига ҳам чиқиб, атрофда юз бераётган воқеалардан ҳам хабардор бўлиш учун юрарди. Шундай қилиб, у ўз саёҳати давомида Дўзах дарвозалари ёнидаги Шубҳа мамлакатига дуч келиб қолди. Ҳамма Иблис бошчилигида юришга тайёрланаётганини ўша ерда билиб олди. У шошилинч равишда шаҳарга қайтди, ҳамма бошлиқларни чақириб, янги хабарни айтди. «Душманнинг лашкари 20000 дан ортиқ бўлиб, қария Умидсиз бошчилигида отланяпти[135] экан», деб қўшимча қилди. Умидсизни улар жуда ҳурмат қилишар, чунки у Иблиснинг садоқатли хизматкори ҳисобланарди. Бундан ташқари, Руҳнинг масканлари унга яхши маълум эди. Эммануил шаҳарга кирганда, У Умидсизни ҳақорат қилгани учун, қасос олмоқчи эди. Шаҳар бошлиқлари ва йўлбошчилари бу тафсилотларни эшитгач, Шаҳзоданинг ҳамма иблисларга тегишли қонунларини ҳозироқ ижро этиш зарур, деб ҳисобладилар. Шунинг учун «Ҳамма уйлар тинтув қилинсин», деган буйруқ бўлди. Жаноб Мулоҳаза билан Эркин Майл бекнинг уйидан иккита иблис топилди. Мулоҳазанинг уйидан — ўзига Доно Эҳтиёткор деб исм берган Маккорни, Эркин Майл бекнинг уйидан — ўзига Безарар Қувонч деб исм берган Ҳиссиётни топдилар. Уларни ушлаб, қамадилар ва зиндонбон Садоқатнинг назорати остига бердилар. Садоқат уларга шундай қаттиқ муносабатда бўлиб, шунақанги кишан урдики, орадан маълум вақт ўтгач, иккови ҳам сил касаллиги билан зиндонда ўлди[136]. Уларнинг хўжайинлари эса, низомга кўра, катта майдонга олиб келинди. Улар бу ерда изза бўлиб, аҳолига намуна бўлсин деб, ҳамманинг олдида тавба қилишлари керак эди. Жазо қуйидагича эди: айбдорлар ўзларининг айбини ҳамманинг олдида баланд овоз билан айтар, ўзларини айбдор деб тан олиб, ҳаёт тарзимни ўзгартираман, деб ваъда берарди. Лекин йўлбошчилар ва оқсоқоллар шу билан хотиржам бўла олмадилар. Улар иблисларни шаҳардаги ва шаҳар девори орқасидаги ертўлалардан, ғорлардан, ҳандақлардан излашда давом этдилар. Улар кўпинча уларнинг изига тушар, баъзан узоқдан кўриб қолишар, бутун кучларини ишга солиб, уларни тутишга ҳаракат қилишарди, лекин ҳаммаси беҳуда кетарди. Уларнинг йўли шунақанги айланма, шунчалик кучли ҳимоя қилинган, ўзлари шунчалик уддабурон эдиларки, таъқиб қилувчиларнинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетар эдилар. Шу пайтда ҳамма иблислар қаёққадир гумдон бўлишарди. Баъзан шаҳар аҳли билан қўлтиқлашиб, шаҳар бўйлаб сурбетларча сайр қилиб юрган пайтлари ҳам бўларди. Лекин уларни душман деб ҳисоблаганларида, кўздан ғойиб бўлардилар. Синчковнинг хатти–ҳаракатлари билан улар шаҳар аҳли олдида қўрқувга тушадиган бўлдилар. Бу пайтда Иблис лашкарини юришга бутунлай қуроллантириб бўлди. Умидсиз бош қўмондон этиб тайинланди. Унинг қўл остида байроқдорлари билан тўққизта қўмондон бор эди. Бундан ташқари, еттита олий ҳарбий бошлиқлар ҳам бўлиб, қуйида улар тўғрисида айтилади. Энди олдинги тўққизта қўмондонни байроқлари ва герблари билан таърифлаймиз. 1. Шубҳанинг Худо танлаган бошлиғи, қўмондон Fазаб; байроғи қизил рангда, байроқдори — Вайрона, тамғаси — каттакон қизил аждар тасвирида (Ваҳий 12:3). 2. ШубҳанингХудо даъват қилган бошлиғи, қўмондон Қаҳр; байроғи бўзарган рангда, байроқдори — Булут, тамғаси — учиб бораётган алангали илон (Саҳро. 21). 3. Шубҳанинг Худо ҳузур–ҳаловатидаги бошлиғи, қўмондон Лаънати; байроғи қизил рангда, байроқдори — Руҳсиз, тамғаси — қоп–қора ўғрихона (Матто 22:13; Ваҳий 9:1). 4. Шубҳа билан имонда бир қўмондон Тўймас; байроғи қизил рангда, байроқдори — Юҳо, тамғаси — очиқ ҳайвон оғзи (Ҳикмат. 27:20). 5. Шубҳа билан қатъийликда бир қўмондон Олтингугурт; байроғи қизил рангда, байроқдори — Аланга, тамғаси — олтингугурт ҳиди бор, ёниб турган кўк аланга (Забур 10:6; Ваҳий 14:10). 6. Шубҳанинг ўликларни тирилтирадиган бошлиғи, қўмондон Азоб; байроғи — бўзарган рангда, байроқдори — Қийноқ, тамғаси — қора қурт тасвири (Марк 9:44–48). 7. Шубҳанинг нажотда бошлиғи, қўмондон Хавотир; байроғи — қизил рангда, байроқдори — Ташвиш, тамғаси — ўлимнинг мудҳиш тасвири (Ваҳий 6:8). 8. Шубҳанинг абадий шуҳратли бошлиғи, қўмондон Қабр; байроғи — бўзарган рангда, байроқдори — Чирик, тамғаси — бош ва суяклар тасвири (Ерем. 5:16). 9. Шубҳанинг қабрдаги ҳузур–ҳаловат қўмондони, лашкарбоши Иложсиз; байроғи — қизил рангда, байроқдори — Ночор, тамғаси — қиздирилган темир ва тош юрак (1 Тим. 4:2; Рим. 2:5). Бу қўмондонлар устидан еттита олий қўмондонлар бор эди, Улар — бек Болзабул, Люцифер, Легион, Аполлион, Қаҳрли ва Велиал эдилар. Булар устидан бошлиқ — шафқатсиз, қайсар қария Умидсиз эди. Бутун лашкар устидан — зулмат шоҳи Иблиснинг ўзи турар эди. Шундай қилиб, улар Дўзах дарвозасига қараб йўл олдилар. Бу ерга уларнинг садоқатли дўстлари ўз фаолиятлари тўғрисида ҳисобот бериш учун келишлари керак эди. Лекин бизга маълумки, шаҳар Синчковнинг меҳрибонлиги туфайли сергак бўлиб турар, аҳоли огоҳлантирилган эди. Дарвозада икки қатор соқчи турар, деворлар устига оғир тошлар отадиган палахмонлар ўрнатилган, бир сўз билан айтганда, ҳаммаси тайёр ҳолда эди. Шаҳар сергакланди. Лекин афсус, бечора аҳоли ўзларига томон дўмбира ва қўрқинчли байроқларни кўтариб келаётган лашкарни кўриб, қаттиқ қўрқиб кетди. Иблис Руҳга яқин келди ва ғазаб билан Овоза дарвозасига ташланди. У: «Дўстларим шаҳар ичида бемалол киришим учун ҳамма тайёргарликни кўриб қўйган», деб умид қилган эди. Дарвоза маҳкам беркитилган, деворлар устига ўрнатилган палахмонлардан дўзах лашкарлари устига дўлдай тош ёғдирилди. Шунинг учун Иблис тош етиб бора олмайдиган масофага чекинишга мажбур бўлди. У ўша ерда тепаликлар барпо қилиб, бу тепаликларга Дўзахнинг заҳарли илони деб, энг баланд тепаликка эса ўзининг номини қўйди. Аҳоли қўрқувдан курашни давом эттира олмасин, деб ўша ердан бутун қўрқинчли кучи билан аҳолининг кўзи ўнгида пайдо бўлди. Лекин шаҳарнинг қўмондонлари, яқинда хасталикни бошларидан кечириб ҳали яхши бўлиб кетмаган бўлсалар ҳам, шундай чаққонлик билан ҳаракат қилдиларки, Иблис яна чекинишга мажбур бўлди. Шаҳарнинг шимолида — Иблис деб аталадиган тоғда зулмат беги ўз байроғини ўрнатишга буйруқ берди. Бу байроқда Руҳ шаҳри баҳайбат алангада ёниб тургани тасвирланган эди. Бундан ташқари, ҳар куни тунда дўмбирачи шаҳар девори олдига келиб, дўмбирасини чалар ва «Аҳолидан бири элчи бўлиб чиқсин», деб талаб қиларди. Бу ҳодиса фақат тунда бўларди[137], чунки кундуз куни душман лашкарлари устига тошлар дўлдай ёғиларди. Бек Иблис шаҳарга дўмбирачи орқали шундай эълон қилди: «Мен аҳоли билан музокара қилмоқчиман, дўмбира шовқинидан аҳоли безор бўлиб менинг хоҳишимга кўра олдимга чиқмагунча, дўмбира чалишга буйруқ беравераман.» Шаҳар аҳли умидсизликка тушиб, титрай бошлади, лекин душманнинг таҳдидларига ҳам, насиҳатларига ҳам эътибор бермади. Бир куни дўмбирачи узоқ дўмбира чалгандан кейин аҳолига шундай деди: «Менинг ҳукмдорим сизларга шуни айтишни буюрди: агар сизлар ўз ихтиёрингиз билан таслим бўлсаларингиз, заминдаги жамики фаровонликни оласизлар, агар қайсарлик қилсаларингиз, у куч билан олади.» Лекин бу гаплар аҳолига етиб бормади, чунки улар йўлбошчилари ёнида — қалъада эдилар. Дўмбирачи қайтиб кетишга мажбур бўлди. Иблис кўрдики, дўмбира кутилган натижани бермайди. Энди у «Менинг шартларимни эшитинглар», деб элчи жўнатадиган бўлди. Лекин аҳолидан бирортаси ўрнидан қўзғалмади ва бир марта унинг гапига кириб, кўп азоб тортганларини[138] эслаб, унга жавоб бермадилар. Шундан кейин Иблис ўз элчиси — қўмондон Қабрни юборди. У девор олдига келиб шу сўзларни айтди: «Эй мазлум Руҳнинг аҳолиси! Бек Иблиснинг номидан сизларга айтяпман: бегимизга дарвозани очиб, зудлик билан уни ўзларингизнинг қонуний шоҳингиз деб қабул қилинглар. Агар унинг айтганларини қилмасаларингиз, шаҳарни олганимиздан кейин, ҳаммангиз қабрга тиқиласизлар. Менга қатъий жавобингизни айтинг. Мен сизларга шу нарсани эслатиш учун келдим: бек Иблис – сизларнинг қонуний ҳукмдорингиз, ўзларингиз ҳам тан олган эдингизлар. Эммануил вақтинча Иблиснинг устидан ғалаба қилган бўлса ҳам, унинг ҳуқуқлари йўқолгани йўқ. Эй Руҳ! Эсингни йиғиб ол, тинчликни истайсанми ёки урушними? Агар мўминлик билан итоат этсанг, яна бизнинг дўстимиз бўлиб қоласан. Лекин ниятинг қаршилик кўрсатиш бўлса, олов ва қиличдан бошқа ҳеч нарса кутма.» Руҳий изтироблардан чарчаган шаҳар аҳли Иблиснинг вакили сўзларини эшитгач, яна ҳам баттар ғамга ботди. Лекин ҳеч қандай жавоб бермади. Элчи кетди. Энди нима қилишимиз керак, деб ўзаро маслаҳатлашганларидан кейин, аҳоли Шоҳнинг Бош вазирига мурожаат этишга қарор қилдилар. Бош вазир шаҳарда олий воиз сифатида турган эди. Лекин анчадан буён У ҳеч қаерда кўринмас, анчагина хафа бўлган эди. Аҳоли Унинг ҳузурига қуйидаги учта илтимос билан келди: 1. У бизга тасалли берадиган сўзлар айтсин, биздан ҳеч узоқлашмасин, бизнинг шикоятларимизга, кулфатларимизга эътибор берсин. Аҳолининг бу илтимосига У қуйидагича жавоб берди: «Мен бунга Ўзимда майл сезмаяпман, сизлар тубан кетгунларингизгача қилганимдай, бу борада фаолият кўрсата олмайман.» 2. Ҳозир ёмон аҳволда қолганимиз учун бизга яхши маслаҳатларини дариғ тутмасин. Чунки Иблис шаҳримиз ёнгинасида Шубҳа бошчилигидаги 30.000 лашкари билан турибди. Уларнинг шафқатсизлигини билганимиз учун, биз, шаҳар аҳли, қаттиқ даҳшат ичидамиз. Бу илтимосларига Шундай жавоб берди: «Сизларда Шаҳзоданинг қонунлар китоби бор, ўша китобда қандай ҳаракат қилишларингиз лозимлиги айтилган.» 3. Шоҳ Шадайга ва Унинг Ўғли Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзишни бизга ўргатсин, ўша мактубга Бош вазир: «Аҳолининг ортида Мен турибман», деб имзо чексин. Биз шуни ҳам қўшимча қилайлик: «Илгари биз кўп марта кечирим сўраб мактуб ёзган эдик, лекин биз бирон марта ҳам жавоб олмадик. Имонимиз комилки, Сизнинг имзонгиз бор мактубга ўша зоҳоти жавоб берилади.» Лекин Бош вазир бунга шундай жавоб берди: «Сизлар Эммануилни ҳақорат қилиб, Мени ҳам хафа қилдингизлар, энди қилмишларингизнинг мевасини еяверинглар.» Бош вазирнинг жавоби уларни эсанкиратиб қўйди. Улар нима қилишларини билмас, лекин душманларнинг таклифига қулоқ солишни ҳам истамасдилар. Уларнинг аҳволи ниҳоятда ғамгин эди: бир томонда — ютиб юборишга интилаётган душман кучлари, иккинчи томонда — ёрдам рад қилингани (Йиғи. 1:1,2). Лекин тўсатдан шаҳар бошлиғи Идрок хафа бўлган аҳолига мурожаат қилди: «Агар Буюк Устознинг жавобига қоидадагидек қулоқ солсак, барибир, маълум даражада тасалли беради. Чунки Устоз, қонунга қарши жиноят қилганларингиз учун энди азоб чекишингиз керак, деб айтди. Ана шу «энди» деган сўз бизнинг азобларимизга чек қўяди, Эммануил бизга қайтиб келади.» Бу талқин аҳолида маълум даражада умид пайдо қилди. Аҳоли Идрокка қаттиқ ишонди. Шоҳнинг йўлбошчилари ҳам Буюк Устознинг сўзларини айнан шундай талқин қилдилар ва тоқат ҳамда итоаткорлик билан қуролландилар. Айни пайт-да қаттиқ ғайрат билан шаҳарда яшириниб юрган иблисларни ва дайдиб юрган Шубҳаларни излашга киришдилар, топиб зудлик билан ўлимга ҳукм қилавердилар. Лекин Шоҳнинг йўлбошчилари ва уларнинг қўл остидаги лашкарлари Эммануилнинг шуҳрати учун ҳарбий ҳаракатлар бошлашни жуда ҳам истаётган эдилар. Улар Иблиснинг таклифларига тошбўрон билан жавоб беришга аҳд қилдилар. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, шаҳарга Иблиснинг дўмбира жанги қанчалик қўрқинчли бўлса, Эммануилнинг палахмонидан отилган тошлар Иблисга шунчалик ҳалокат келтирарди. Иблис яна чекинишга мажбур бўлди. Бу сафар анча узоққа чекинди. Шунда шаҳар бошлиғи қўнғироқ чалишга буюрди ва воиз Виждонга шундай топшириқ берди: «Шоҳнинг Бош вазирига, жавоби учун, бутун шаҳар аҳли номидан миннатдорчилигимизни етказ, унинг жавоби шаҳар аҳлига тетиклик бағишлади.» Иблис кўрдики, унинг қўмондонлари ва лашкари шаҳардаги тошбўрондан парокандаликка учради. Энди у бошқа йўлни танлашга қарор қилди: «Уларни яхши гап билан олишга ҳаракат қилиб кўраман, хушомад билан тўрга ўрайман.» Кўп ўтмай у Овоза дарвозаси олдига келди ва майин овоз билан Руҳ қабулига киришни сўради. Дўмбира овозлари ҳам эшитилмас, унинг ёнида оқсоқоллари ҳам, ёрдамчилари ҳам йўқ эди. Иблис мулойим, дўстона оҳангда гап бошлади: «О, азизим, машҳур Руҳ! Мен сенга фойда келтирай, сенга севгимни исбот қилай, деб, қанча тунларни уйқусиз ўтказдим, қанча кунларни интизорлик билан кутдим. Агар сен яна мен билан бирга бўлишни ихтиёр қилсанг, сен билан уруш қилиш фикри мендан тамомила узоқ. Ахир, ўзинг биласан, сен меники эдинг. Эй Руҳ шаҳри аҳолиси! Ёдингизга келтиринглар: мен шоҳлик қилганимда қанчалик ҳузур–ҳаловатда яшаган эдингизлар, мен билан қанчалар фахрланар эдингиз, мен эса сизлар билан фахрланар эдим. Сизлар жамики фаровонликдан фойдаланар эдингизлар. Мулоҳаза қилиб кўринглар–чи, мен ҳукмронлик қилган пайтимда, хозиргидай қайғу–ғамларга гирифтор бўлган эдингизларми? Ҳозиргидек йўқотишларга учраганмисизлар? Менга қайтмас экансизлар, сизлар ҳеч қачон олам лаззатига эриша олмайсизлар. Фақат мени ўз ҳукмдорингиз деб тан олинглар, ўшанда сизларнинг ҳуқуқингиз, эркинлигингиз чексиз бўлади. Шарқдан ғарбгача бўлган ҳудудда нимани кўнглингиз тусаса, ҳаммаси сизларники бўлади[139]. Сизларга ҳақорат топганларингизни эслатмайман, ҳозир ғорларда яшириниб юрган бечора дўстларим ҳам сизларни безовта қилишларига асло йўл қўймайман. Улар сизларнинг хизматкорларингиз бўладилар. Сизлар уларнинг жамоатида қандай хушвақт бўлганларингизни эсланглар. Менга дўст эканликларингизни тан олинглар, чунки ҳақиқатан ҳам мен сизларнинг дўстингизман. Сизларга бўлган севгим мени душманлик ҳаракатлари қилишга мажбур этяпти. Лекин менинг мақсадим — фақат сизларнинг фаровонлигингиздир; Мени ноқулай аҳволда, ўзларингизни қўрқув ва ваҳима ичида қолдириб азобламанглар. Сизлар барибир, меники бўласизлар, бунга ишонаверинглар. Йўлбошчиларингиз ҳам, Шаҳзодангиз ҳам сизларга ёрдам беришга қодир эмас. Мен сизларнинг устингизга кучли лашкар билан боряпман. Лашкарларимга қўл остимдаги дўзах беклари қўмондонлик қилишяпти. Улар бургутдан ҳам чопқир, шердан ҳам кучли, бўридан ҳам ваҳший.» Иблиснинг бу гапига шаҳар бошлиғи Идрок жавоб берди[140]. «Эй Иблис, зулмат беги, ёлғон манбаи! Сенинг маккорона хушомадингни роса эшитдик. Бунинг оқибати нима эканини тажрибамиздан биламиз, ёлғонингнинг аччиқ косасидан симирганмиз. Наҳот биз сенинг ёлғон гапларингга лаққа ишониб, Шоҳимиз Шадайнинг Ўғли Эммануил бизни тоабад рад этиши учун, Унинг амрларини менсимай, сен билан аҳд қилсак?! Шуни билиб қўй, сенинг гапларингда заррача ҳам ҳақиқат йўқ. Сенинг сохта, хушомадгўйлик билан қилган таклифларингга учгандан кўра, сенинг қўлингда ўлганимиз афзалроқ, деб қарор қиламиз.» Душман шунга амин бўлдики, унинг сўзлари ҳеч қандай таъсир кўрсатмабди. Иблис бундан дўзах ғазабига тушди ва Шубҳа қўшини билан шаҳарга яна ҳужум бошлашга қарор қилди. Иблис дўмбирачини чақириб: «Дўмбирани чал, лашкарни менга чақириб бер», деб буйруқ берди. Дўмбира шовқини бутун шаҳарни ларзага келтирди. Лашкар йиғилгандан кейин, Иблис уларни қуйидагича тақсимлади: қўмондонлар Шафқатсиз билан Азобни Сезги дарвозаси олдига қўйди ва уларга: «Муваффақиятсизликка учрайдиган бўлсаларингиз, қўмондон Хавотирни ёрдамга чақиринглар», деб буюрди. Ҳид дарвозаларига эса иккита қўмондонни — Олтингугурт ва Қабрни қўйди. Кўз дарвозасида эса майнавоз Умидсиз Иблиснинг қўрқинчли байроғи билан жойлашди. Тўймас эса бекнинг жанг арваларига қараб туриш ва қўлига илинганни асирга олиш учун қўйилди. Иблис Нутқ дарвозасидан аҳолига ҳужум қилган эди, шунинг учун бу дарвоза жуда ҳам мустаҳкам қилинди. Бу дарвоза орқали аҳоли Эммануилга кечирим мактубларини юбордилар. Дарвоза устига палахмонлар ўрнатилди. Палахмонлардан отилган тошлар душманга кўп талафот етказди. Шу сабабдан ва бошқа сабабларга кўра Иблис: «Дарвоза ташқарисидан ахлат ташлансин», деб буйруқ берди[141]. Иблис шаҳарга ҳужум қилишнинг турли усулларини тўхтовсиз ўйлаб чиқарган сари, аҳоли ҳам мудофаага тайёргарлик кўраверди. Улар палахмонларни ўрнатдилар, байроқларни тикдилар, карнай чалиб, душманни мағлуб қилишимиз учун яхши кўриниб турайлик, деб саф тортдилар. Эркин Майл бек ҳам мижжа қоқмади: шаҳар ташқарисида қўлига тушган илбисларни олиб келиб, қатл қилгани топширди, ғорларда, ўғрихоналарда ва бошқа жойларда яширинганларини бўғиб ўлдирди. Шуни тан олиш керакки, иблисларга хизматга кириб, айб иш қилгандан кейин, айбини ювиш учун ҳамма воситаларни ишга солди, уйида ўрнашиб олган хизматкори Безарар Қувончнинг Ҳазилкаш ва Улфат[142] деган ўғилларини ўз қўли билан қатл қилди. Уларнинг қатл қилиниш сабаби қуйидагича эди: зиндонбон Садоқатли иблисларни қамаш тўғрисида буйруқ олгандан кейин, у йўқлигида бу иккала йигит унинг қизлари билан танишиб олдилар ва қизлар билан шўхлик қилиб, кайф–сафо қилдилар. Ҳатто ножўя бетакаллуфлик даражасигача етиб борди, натижада иккаласи Эркин Майл бекнинг қўлига топширилдилар. Уларни асоссиз қатл қилмай, деб икки хизматкори — Аниқловчи билан Хабардорни аввал уларнинг орқасидан кузатиш учун қўйди. Бу иккала ҳалол хизматкор икки марта Ҳазилкаш билан Улфатни қизлар билан ножўя иш қилиб турганда фош қилдилар. Шундан кейин Эркин Майл бек Кўз дарвозаси тепасига баланд хоч ўрнатишга буюрди. Иккала гуноҳкор Иблис ва унинг ҳамма одамларига кўринадиган қилиб хочга осилдилар. Масиҳийларнинг бу жасорати Иблисни ва унинг ҳамма қўмондонларини қаттиқ довдиратиб қўйди, шаҳар аҳли бошқа қоидалар билан яшаётганларининг ва иблисларнинг нуқсонли ўгитларига учмаслигининг исботи шу бўлди. Қолаверса, Эркин Майл бекнинг бу хатти–ҳаракати аҳолига фойдали таъсир кўрсатди. Жаноб Мулоҳазанинг уйида хизматкор бўлиб Доно Эҳтиёткор яшаган, унинг Ёвузликни ушла деган хотинидан икки ўғил қолган эди. Ёвузликни ушла — жаноб мулоҳазанинг ноқонуний туғилган қизи эди Ўша ўғилларининг бирининг исми — Юлғич, иккинчисиники — Шипиринқи эди[143]. Улар қабиладошларининг қисматини эшитганларидан кейин, қўрқиб кетдилар ва яширинишга уриндилар. Лекин Мулоҳаза буни билиб қолиб, олдин уларни уйига қамаб қўйди, кейин эртасига эрталаб уларни кишанлаб, Кўз дарвозаси олдидаги очиқ майдонга олиб чиқиб осди. Аҳоли янги ғайрат билан иблисларни излай бошладилар. Иблислар шунчалик қўрқиб кетган эдиларки, ҳеч ким билиб қолмасин, деб миқ этмай, ҳаракат қилмай, ўзларининг бошпаналарида ётардилар. Иблис ва унинг ҳамтовоқлари бу ишларни кўриб, телбаларча ғазабга миндилар. Аҳоли ҳам, душман катта кучга эга бўлишига қарамай, ўзларига бутунлай номаълум қандайдир ғалабага ишонч ва жасоратни сезардилар. Ниҳоят, Иблис дўмбирачисига «Ҳужум эълон қил!» деб буйруқ берди. Шаҳар йўлбошчилари карнайчиларига «Йиғин учун карнай чалинглар!» деб буйруқ бердилар. (Уларнинг дўмбираси йўқ эди, лекин ғаройиб товуш чиқарадиган карнайлари бор эди.) Дўзах лашкарлари шаҳар деворига отилдилар, у ердан эса аҳоли тош ёғдирдилар. Душман томондан қутурган ғазабнинг қулоқни қоматга келтирадиган бақир–чақири ҳавони тўлдирди. Шаҳар томондан эса яхши сўзлар, ибодат ва забур хонишлари эшитиларди. Душман кучлари уларга қўрқинчли дўмбира овозлари остида ҳақорат, лаънат ёғдирдилар. Лекин шаҳар бунга палахмоннинг ғувиллашию карнайнинг жарангдор садоси билан жавоб берди. Жанг бир неча кун қисқа–қисқа танаффус билан давом этди. Қисқа танаффус пайтида одамлар дам олдилар, бошлиқлар эса янги мудофаага тайёрландилар. Эммануилнинг йўлбошчилари кумуш совут таққан, лашкарлари ҳам ўқ ўтмас совут тақиб олган эдилар. Иблиснинг лашкарлари эса палахмонлардан учаётган тошлардан ўзларини ҳимоя қилиш учун тамомила темир билан ўраниб олган эдилар. Шаҳар аҳлидан баъзилари жиддий яраландилар, баъзилари енгилгина ярадор бўлдилар. Бахтга қарши, шаҳарда табиб йўқ эди, чунки Эммануил йўқ эди. Лекин аҳоли бир дарахтнинг барги билан ўзларини ўлимдан қутқариб қолдилар[144]. Гарчи яралари йиринглаб, жуда ҳам бадбўй ҳид чиқарса ҳам[145], лекин соғ қолдилар. Шаҳарнинг кўпгина зодагонлари ярадор бўлдилар. Идрок —бошидан, шаҳар бошлиғи — кўзидан яраланди. Мулоҳаза —қорнидан, ҳатто олийжаноб воиз Виждон юраги ёнидан яраланди. Лекин бу яралар жуда ҳам хавфли эмасди. Оддий халқдан кўпчилиги нафақат яраланди, балки жойида ўлди[146]. Иблиснинг қароргоҳида ярадор бўлганлар, ўлганлар кўп эди. Қўмондонлар Fазаб билан Шафқатсиз оғир жароҳат олдилар. Қўмондон Лаънати чекинишга мажбур бўлди ва Иблиснинг орқада юрадиган қўшинига қўмондон бўлди. Иблиснинг байроқлари йиртилиб кетди, байроқдор Қаттиқ Оғриқ тошбўрон қилиб ўлдирилди. Шубҳа қўшинидан, гарчи шаҳарни ларзага келтириш учун кўп миқдорда қолган бўлса ҳам, жангда кўпчилиги ўлди. Лекин шу куни ғалаба Иблис томонда бўлди ва унга янги умидлар бағишлади. Зулмат бегининг қароргоҳида шармандалик, аллақандай ўкинч ҳукмрон эди. Кейинги кун шаҳарда қўнғироқларнинг қувончли жаранги янгради, карнайлар қувноқ жаранглар, аҳоли бир–бирини табриклаб, жангдан дам оларди. Эркин Майл бек бир дақиқа ҳам қўлини қовуштириб ўтирмади: у тўхтовсиз равишда шаҳарда қолган иблисларни ва уларнинг издошларини қидиришда давом этди. У Бепарво деганини қўлга олди. У шаҳардаги иккита жангчини тўғри йўлдан уриб, Иблис томонга ўтишга кўндиргани тўғрисида юқорида айтилган эди. Ниҳоят, шаҳар бошлиғи яна Саёқ[147] деган отнинг қашқасидай таниқли бир иблисни тутишга муваффақ бўлди. У шаҳардаги ҳамма дайдиларга хат ташувчи бўлиб хизмат қилар, уларнинг хабарини душман қароргоҳига ва қароргоҳдан дайдиларга етказишнинг йўлини топар эди. Иккаласи ҳам занжирбанд қилиниб, зиндонбон Садоқатли қўлига берилди. Садоқатли уларни, аҳолига фойдали, душманга сабоқ бўлсин, деб ҳамманинг кўзи олдида қатл қилишга тайёргарлик кўрди. Шаҳар бошлиғи Идрок кўзидаги яраси имкон берди, дегунча ҳаракат қиларди. У аҳолига муттасил: «Ўз вазифангизни сидқидилдан бажаринглар», деб йўл–йўриқ кўрсатарди. Воиз Виждон: «Ҳамма кўрсатмаларим одамларнинг юрагида муҳрлансин», деб ҳаракат қиларди. XV Боб Руҳ аҳолиси тунда душман қароргоҳига ҳужум қилганда, эҳтиётсизликка йўл қўядилар ва талофотга учрайдилар. — Иблис Сезги дарвозасига қаттиқ ҳужум қилади. Дарвоза мустаҳкам бўлмагани учун очилиб кетади. Шубҳа қўшини шаҳарни эгаллайди ва у ерда ақлга сиғмайдиган вайронагарчиликлар қилади. — Fамга ботган аҳоли Эммануилга янгидан мактуб жўнатишга қарор қилади ва Бош вазирдан мактуб ёзиб бериш учун ёрдам сўрайди. Мактуб оқсоқол Ишонч орқали юборилади. — Ишонч бажонидил қабул қилинади ва қўшинга бош қўмондон этиб тайинланади. Кўп ўтмай, йўлбошчилар ва оқсоқоллар тунда душман қароргоҳига ҳужум қилишни режалаштирдилар[148]. Бу — Руҳ томонидан қилинган ақлсизлик эди. Чунки тунги вақт — Руҳ учун эмас, балки душман кучлари учун энг қулай пайт эди. Лекин яқинда эришган ғалабадан ўзларида куч сезиб, шунга қарор қилдилар. Белгиланган кун Шоҳ йўлбошчилари иблислар лашкарига қарши борадиган кучларнинг бошлиғини танлаш учун қуръа ташладилар. Қуръа йўлбошчилар Ишонч, Тажрибали ва Эзгу Умидга тушди. Улар жангга жўнадилар ва бориб, душманнинг бош корпусига ҳужум қилдилар. Лекин тунги олишувларга кўниккан Иблис ва унинг лашкарлари тайёр турган эдилар. Қаттиқ кураш бошланди, иккала томон ҳам шафқатсизларча жанг қилди. Дўмбира қулоқни қоматга келтирадиган даражада гумбурлади, кумуш карнайлар ғаройиб овоз чиқарди. Иккала томоннинг лашкари ҳам жангга киришди, дўзах қўмондони Ебтўймас катта ўлжани қўлга туширишга умид қилиб, Шоҳ лашкарига кўз–қулоқ бўлиб турди. Шоҳнинг йўлбошчилари мардларча олишдилар, кўпчиликни ярадор қилдилар, душман қўшинларини чекинишга мажбур қилдилар. Лекин номаълум сабабларга кўра, улар томондан учта қўмондон — Ишонч, Эзгу Умид ва Тажрибали ярадор бўлдилар. Улар душманни қувиб, ўнгу сўлга қилич солиб кетаётган пайтда Ишонч йиқилиб тушди ва қаттиқ шикастланди, ўрнидан тура олмади. Тажрибали унга ёрдамга югуриб келди. Уларнинг лашкарлари сафи аралаш–қуралаш бўлиб кетди. Ишонч оғриқдан оҳ–воҳ қиларди, дўстлари эса «Ишонч қаттиқ яраланган», деб руҳан тушкунликка тушдилар. Сипоҳлар буйруқни эшитмай, ҳар томонга қочиб кетдилар. Шу пайт Иблис, Шоҳ лашкари орасида нимадир юз берганини пайқаб қолиб, қочиб кетаётган жангчиларини тўхтатди ва «Шаҳар аҳлига яна ҳужум қилинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, Шоҳ йўлбошчилари гарчи ўлдирилмаган бўлсалар ҳам, қаттиқ ярадор бўлиб, минг машаққат билан қалъага қайтдилар. Шоҳ қўшинининг бош корпуси ўз қўмондонларининг ачинарли аҳволини кўриб, чекиниш керак, деб ҳисобладилар ва ҳаммалари Нутқ дарвозаси орқали шаҳарга қайтдилар. Иблис кутилмаган ғалабадан мағрурланиб кетди ва эртасига шаҳар девори олдига келиб, «Таслим бўлинглар!» деб талаб қилди. Ҳатто шаҳардаги ертўлаларда яшириниб юрган иблислар ҳам сурбетликларини намойиш қила бошладилар. Буни эса қуйида кўрамиз. Шаҳар бошлиғи зулмат бегига шундай жавоб берди: «Шаҳзода Эммануил тирик экан, афсуски, У ҳозир йўқ бўлса ҳам, биз Унга содиқ қоламиз. Руҳ бошқа ҳеч кимники бўлмайди.» Эркин Майл бек унга шундай деб мурожаат қилди: «Эй Иблис! Ўғрихона ҳукмдори, эзгулик душмани! Биз, бечора шаҳар аҳолиси, ўтмишда сенга итоат қилганимиз учун роса таъзиримизни еганмиз. Агар яна сенга итоат этсак, бизни нима кутаётганини биламиз. Биз билимсиз бўлганимизда, тўрни кўрмасдан, овчининг қўлига тушиб қолган қушдай, сенинг таклифингни қабул қилганмиз. Лекин зулматдан нурга чиққанимиздан кейин, Худога яқинлашиш учун иблисдан нари қочдик. Гарчи сен маккорона ҳаракатларинг билан бизга кўп зарар келтириб, бизни бир лаҳза довдиратиб қўйган бўлсанг ҳам, лекин қўлимизни қовуштириб, сендай золимга таслим бўлмаймиз, сени ҳукмдоримиз деб тан олмаймиз, буни биздан кутиб ўтирма. Биз тез орада ҳаммамиз жанг майдонида бўламиз. Бунинг устига, вақти келиб, Шоҳимизнинг меҳрибонлиги билан биз учун нажот топиш вақт-соати келади, деган умид ичимизда яшаяпти. Шунинг учун биз сен билан жангни давом эттиришга қарор қилдик.» Ҳар иккаласининг жавоби Иблисни жуда довдиратиб қўйди, лекин ғазаби икки карра ошди. Ишонч ҳам Эркин Майл бекнинг жавобини эшитиб, ўша зоҳоти одатдан ташқари енгиллик сезди. Бошқалар ҳам тетиклашдилар. Эркин Майл бек ҳар доим ўз иши билан машғул бўлди. Шаҳарда яшириниб юрган кўп иблислар унинг кучли қўлларини сезардилар. Улардан кўпчилигини, жумладан, Сурбетни, Шилқимни, Тежамкорни, Надоматни ва бошқаларни ўз қўли билан қатл қилди. Унга яна дайдиларни тутиш учун қулай имконият пайдо бўлди. Йўлбошчилар шаҳарда йўқ бўлган пайтда, ёвузлар, жазосиз қоламиз, деб умид қилиб, шаҳарда исён кўтаришни ўйладилар. Лекин Эркин Майл бек тўсатдан уларга ҳужум қилиб, аёвсиз қирдики, баъзилари яширинишга муваффақ бўлдилар. Эркин Майл бек бу хатти–ҳаракати билан Иблисдан ўчини олди, айни пайтда битта унинг ғалабаси туфайли шаҳар аҳли Иблисга ҳеч ҳам итоат этишни истамаслигини исбот қилди. Лекин зулмат беги яна шаҳарга ҳужум қилишга қарор қилди ва лашкарига: «Барча кучлар Сезги дарвозасига қаратилсин», деб буйруқ берди. Одамларига «Дўзах алангаси», деган парол берди. У одамларига: «Дарвозани синдириб, шаҳарга киришларингиз биланоқ, шаҳар кўчаларида тўхтамасдан «Дўзах алангаси! Дўзах алангаси!» деб бақиринглар», деб буйруқ берди. Дўмбирачи муттасил дўмбирасини чалиб туриши, байроқлар ҳилпираб туриши, жангчилар охирги ғалабагача жанг қилишлари керак эди. Кеч кириши биланоқ, қамал бошланди. Бир неча кучли зарбдан кейин дарвоза ланг очилди[149]. Чунки дарвоза мустаҳкам бўлмагани учун, зарбага осонликча ён бериб қўя қолди. Иблис дарвозага қўмондонлар Азоб билан Ташвишни олиб келиб қўйди ва шаҳарни топширишни талаб қилди. Бечора Руҳ! Шаҳарда биронта ҳам оқ либосдаги одамни учратиб бўлмас эди. Ҳар бурчакда, ҳар бир уйда қонга ўхшаш қизил либосларда Шубҳалар бор эди. Иблислар камбағал одамларни уйларидан қувиб юбориб, аҳоли билан қўлтиқлашиб юрарди. Виждон кўп жойидан яраланди, бу яраларидан чидаб бўлмайдиган сассиқ ҳид чиқарди. У азоб чекиб, безовта бўлаверди. Шаҳар бошлиғи Идрокни кўр қилиб қўйдилар. Агар Эркин Майл бек қалъага беркиниб олмаганда эди, Иблиснинг ашаддий душмани, деб парча–парча қилиб ташлаган бўлардилар. Лекин ёввойи қароргоҳ ўз ғалабасидан унчалик қониқмади. Шаҳар аҳли душманлар билан ҳеч қанақа алоқа қилмас, улардан узоқ турар, ҳар қадамда уларга нафратини ифодалаб, имкон қадар ҳамма нарсада уларнинг таклифларини рад қилардилар. Шаҳар бошлиқлари ҳам қалъадан туриб босқинчиларга тош ирғитиб, аниқ зарбалари билан уларни доимо безовта қилардилар. Иблис қалъани тор–мор қилиш учун кўп ҳақ тўлашга рози эди, лекин унинг ҳамма ҳаракатлари беҳуда кетаверди: комендант Худо Қўрқувси қалъани шунчалик моҳирлик билан қўриқладики, қалъа ҳеч қандай зарарланмасдан, бутун қолди. Шаҳар ана шундай аянчли аҳволда икки ярим йилни ўтказди. Аҳоли, ўз навбатида ғорларда яшириниб юрарди, шаҳарнинг шуҳрати ҳам сўнди. Хотиржамлиқ, хурсандчилик йўқолди, аҳоли умидсизликка тушиб қолди, қўрқув уларни енгди. Чунки улар: «Душманлар шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб олганлар, уларни ҳеч қачон қувиб юбора олмаймиз», деб қўрқардилар. Енгилтаклик қилганлари учун аччиқ–аччиқ йиғладилар, Манманнинг маккорона насиҳатларига қулоқ солганлари учун афсус чекдилар. Узоқ вақт қайғу–ғам, азоб–уқубатдан кейин шаҳар бошлиқлари ва оқсоқоллари йиғилишди ва «Бундай бахтсиз аҳволдан чиқишимиз учун яна қандай чоралар кўришимиз керак», деб муҳокама қилмоқчи бўлдилар. Чунки шу пайтгача улар кечирим сўраб юборган мактубларига биронта ҳам жавоб олмаган эдилар. Ҳаммалари яна Шаҳзодага кечирим мактуби юборишга қарор қилдилар. Шунда Худо Қўрқувси шундай деди: »Менга шу нарса маълумки, агар илтимос мактуби Буюк Устознинг қўли билан ёзилган бўлса, ундай ҳолатда Шаҳзода мактубни қабул қилади. Шунинг учун ҳам Шаҳзода шу пайтгача биронта ҳам жавоб бермади.» Ўша зоҳоти «Шоҳнинг Бош вазиридан бу мактубга имзо чекишини илтимос қилайлик», деб қарор қилдилар. Лекин Худо Қўрқувси «Буюк Устоз кечирим мактубига имзо чекмайди, балки Унинг Ўзи ёзади», деди. «Қолаверса, — дед қўшиб қўйди у, — Шаҳзодага Бош вазирнинг дастхати таниш.» Аҳоли Худо Қўрқувсига яхши маслаҳатлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирди ва у айтгандай қилишди. Улар Бош вазир ҳузурига келиб, ўзларининг илтимосларини Унга тушунтиришди. Бош вазир улардан: «Қандай мазмунда кечирим мактуби ёзиб беришимни истайсизлар?» деб сўради. «Устоз, — деб жавоб беришди улар, — Нима деб ёзишни биздан кўра Ўзингиз яхши биласиз. Сизга бизнинг аянчли аҳволимиз, заифлигимиз, душман билан курашдаги муваффақиятсизлигимиз Ўзингизга яхши маълум. Хуллас, донишмандона табиатингиздан келиб чиқиб, Ўзингиз лозим топганингиздай, биз учун Шаҳзода Эммануилга кечирим мактуби ёзиб беринг».[150] «Хўп, — деди У, — Мен кечирим мактуби ёзиб, имзо чекиб бераман.» «Мактубни олиб кетгани қачон келайлик?» деб сўрашди улар. Бош вазир эса шундай жавоб берди: «Мен мактубни ёзаётганимда, сизлар шу ерда ҳозир бўлишларингиз керак, сизлар руҳингизни, қалбингизни мактубга қўшишларингиз лозим бўлади. Албатта, дастхат билан имзо меники бўлади, лекин сиёҳ билан қоғоз сизларники бўлиши керак. Бўлмаса, қандай қилиб бу мактубни сизларники деб айтаман?! Ўзим шахсан илтимос қиладиган ҳеч нарса йўқ, чунки Мен Шаҳзодани ҳам, Шоҳ Шадайни ҳам ҳақорат қилмаганман. Агар Мен бирортасининг номидан илтимос қилсаму, у бутун қалбини ва руҳини мактубга қўшмаса, Менинг номимдан ёзилган биронта мактуб Шаҳзодага ва У орқали Отасига етиб бормайди. Мактуб бусиз ноҳақиқий ҳисобланади».[151] Улар мамнуният билан Бош вазирнинг шартларини қабул қилди. Шундай қилиб, кечирим мактуби ёзилди. Лекин «Мактубни ким олиб боради», деган муаммо келиб чиқди. Буюк Устоз «Бу ишни йўлбошчи Ишончга топширинглар», деб маслаҳат берди. Ҳамма бу таклифга яхши фикр билдирди. Ҳамма Ишончга «Мактубни олиб бор», деб илтимос қилганда, у шундай деб жавоб берди: «Ҳозир оқсаётган бўлсам ҳам, топшириқларингизни бажонидил бажараман, топшириғингизни имкон қадар тезроқ бажаришга ҳаракат қиламан.» Кечирим мактубининг мазмуни қуйидагича эди: «Эй Раббимиз, қудратли Эммануил! Сабр-тоқатли Ҳукмдоримиз! Гарчи биз Сенга қарши исён қилган бўлсак ҳам, Сендан шафқат сўраб кутиб қоламиз. Биз энди ортиқ ўзимизни Сенинг ижодинг, деб айтишга лойиқ эмасмиз. Сендан ҳузур–ҳаловат кутишимиз керак эмас. Лекин Сенга, Сен орқали Отангга илтижо қиламиз, бизнинг жиноятларимизни эсламагин. Бизни рад қилишга ҳақли эканингни биламиз, лекин Ўзингнинг исминг ҳаққи бизга шафқатли бўлгин, бизга шафқатингни кўрсат. Сендан юз ўгирганимиздан буён, бизни ҳар томондан душманларимиз қисиб қўйган. Дўзах кучлари бизни ўраб олиб, ваҳимага соляпти. Агар Сенга бормасак, бошқа кимга боришимизни ҳам билмаймиз. Бундан ташқари, эй меҳрибон Йўлбошчимиз, Сен ато қилган куч–қудратни сарф қилиб бўлганимизни ҳам англаймиз. Ишонч, Идрок, Ирода, Виждон — ҳаммалари заифлашганлар, ярадор бўлганлар. Ҳозирда душманларимиз шодланиб, бизнинг устимиздан тантана қиляптилар. Сен бизнинг орамизга келганингда қолдирган барча пок, муқаддас нарсаларни сон–саноқсиз Шубҳалар ўлдириб, ўзимизни қийнамоқда. Уларни қандай қувиб юборишни биз билмаяпмиз. Сен бизни тарк этганингдан буён биз кучсиз, ақлсиз бўлиб қолдик. Бизда гуноҳдан, шармандалик ва руҳий азобдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Эй Раббимиз! Бизга меҳрибон назарингни солгин, бизни афв эт, ҳалок бўлаётган ижодингни қутқар. Омин.» Йўлбошчи Ишонч мактубни олиб, Нутқ дарвозаси орқали чиқди ва оқсоқланиб, Шаҳзоданинг олдига кетди. Негадир «Ишонч янгидан мактуб олиб Эммануилнинг олдига кетибди», деган хабар Иблиснинг қулоғига етиб келди. У қаттиқ ғазабга минди: «Шундай адабингизни бериб қўяйки, мактуб жўнатмайдиган бўласиз, тўхтаб туринглар, вақти келиб таъзирингизни бераман.» Иблис: «Дўмбира чалинсин!» деб буюрди, ҳар доимгидек шаҳар ваҳимага тушди. Иблис йиғилган иблисларга мурожаат этди: «Менга қулоқ солинглар, жасур йигитларим! Руҳ аҳолиси яна хиёнат қилганларини билиб қолдим. Улар яна Эммануилга кечирим мактубини юборибдилар. Шунинг учун буюраман: шаҳар аҳлини бундан баттар ваҳимага солинглар, ҳукмингизга итоат этмаганларнинг ҳаммасини ўлдиринглар. Менга қарши исён қилганлари учун уларга жазо шу бўлсин.» Иблиснинг амрининг моҳияти шу эди. Лекин Иблис билан унинг бахтиқаро қурбони ўртасида кутилмаган бир нарса пайдо бўлиб, Иблиснинг амри ижро этилишига ҳалақит берди. Шу орада зулмат беги қалъа дарвозасига келиб: «Дарвозани очинглар, бўлмаса ўлдираман», деб қўрқитди. Лекин Худо Қўрқувси рад жавобини берди ва «Ҳадемай юқоридан келадиган куч орқали қувиласан», деди. Шунда Иблис: «Менга арзгўйларни ва элчини гуноҳидан кечиб бер, шундан кейин лашкаримни шаҳардан олиб чиқиб кетишга ваъда бераман», деб таклиф қилди. Шу пайт Ақлсиз деган аллақандай иблис[152] гапга аралашди. У: «Бекимиз сизлар учун фойдали бўлган шартларни таклиф қиляпти, агар шаҳар вайрон бўлишини истамасангизлар, бу шартларга рози бўлинглар», деди. Лекин Худо Қўрқувси шундай жавоб берди: «Ишонч Иблиснинг қўлига берилгандан кейин Руҳ яшай оладими?! Бу биз учун барибир ҳалок бўлиш дегани–ку.» Ақлсиз нима деб жавоб беришни билолмай қолди. Шунда Идрок Иблисга мурожаат қилди: «Эй қонхўр! Биз тирик эканмиз, сенга қарши курашишимиз учун қўлимизда битта тош қолар экан, билиб қўй, биз сенинг гапларингга қулоқ солмаймиз.» Иблис эса шундай жавоб берди: «Сизлар ҳали ҳам ёрдамга, нажот топишга умид қиляпсизларми? Сизлар Эммануилга мурожаат қиляпсизлар, лекин шаккоклигингиз сизларни шунчалик авраганки, оғзингиз Унга маъқул келадиган ибодатни айта олмайди[153]. Ҳаммасини жойига қўямиз, деб ўйлаяпсизларми? Ҳечам–да, умидларингиз —алдамчи, истакларингиз амалга ошмайди, Фақат мен эмас, ҳатто Эммануилнинг Ўзи ҳам сизларга қарши (Забур 41:11). Ахир, сизларни итоат эттиришимга Унинг Ўзи ижозат берди. Яна нимага умид қиляпсизлар, қандай қилиб нажот топасизлар?» «Тўғри, биз гуноҳ қилдик, лекин бу бизнинг устимиздан сен ғалаба қилишингга ёрдам бермайди, — деб эътироз билдирди Идрок. — Чунки Эммануилнинг Ўзи «Менга келганни қувмайман», деб айтган. Биз яна Ундан, ҳар қандай гуноҳ ва ғийбатга инсон боласи йўл қўяди, деган гапни ҳам эшитганмиз. Шунинг учун биз умидсизликка тушмаймиз, балки Унга ибодат қилиб, Уни кутамиз, нажот топишимиз учун Ундан умид қиламиз».[154] Шу пайтда йўлбошчи Ишонч қўлида ўралган қоғозни олиб Шоҳ ҳузуридан қайтиб келди. Шаҳар бошлиғи бу тўғрида хабар топган зоҳоти, қутураётган душманни қолдириб, Ишончни излаб кетди. Душман эса ваҳимали таҳдидлар билан шаҳар аҳлига мурожаат қилишда давом этди. Шаҳар бошлиғи Ишончни кўрганда, кўзлари ёшга тўлди. Йўлбошчи Ишонч хурсанд бўлиб: «Дадил бўл, дўстим! Вақти келиб, ҳаммаси яхши бўлади!» деб хитоб қилди. Бу хабар шу ерда ҳозир бўлганлар учун бахтиёр онлар аломати бўлиб туюлди, гўё ҳузур–ҳаловат вақти яқинлашиб келаётгандай туюлди[155]. Шаҳар бошлиғи бошқа йўлбошчиларни ва оқсоқолларни айтиб келиш учун хабарчи юборди, «юборилган жавобнинг мазмунини ҳамма билиб қўйсин», деди. Ҳамма келгандан кейин, Ишонч қоғозни ёйиб, ичидан бир неча мактуб чиқарди. Биринчи мактуб шаҳар бошлиғи Идрокнинг ўзига эди. Мактубда Шаҳзода шундай деган эди: «Мен ўз вазифангни бажаришдаги ғайратингни, Иблисга берган дадил жавобларингни маъқуллайман. Яқин орада бунинг учун мукофот оласан.» Иккинчи мактуб Эркин Майл бекка аталган эди. Мактубда айтилишича, олийжаноб ва садоқатли бек мижжа қоқмасдан, ўз Шоҳининг фойдасига чарчамасдан фаолият кўрсатяпти. Бир неча марта иблисларнинг масканларини фош қилиб, ҳушёрлик намунасини кўрсатди, ўша иблисларни ўлимга топширди. Бу хизматлари учун у ҳам мукофот олади. Учинчи мактуб воиз Виждонга эди. Эммануил уни шундай деб мақтаган эди: «Сен ҳар доим аҳолига насиҳат қилиб, маслаҳат бердинг. Менинг қонунларимни уларга тушунтирдинг, аҳоли Шоҳнинг хоҳиш–иродасига қарши исён қилганларидан кейин, рўза тутинглар, бошларингизга кул сочинглар, деб уларни кўндирдинг. Йўлбошчи Воанаргесни ёрдамга чақирганинг учун мақтовга сазоворсан. Буларнинг ҳаммаси учун сенга ҳам мукофот ваъда қилинади.» Тўртинчи мактуб Худо Қўрқувсига аталган эди. Шаҳзода уни қуйидаги хизматлари учун мақтаган эди: «Сен биринчи бўлиб иблис Манманга қарши шаҳар аҳолисини қўзғатдинг. Унинг йўқ бўлишига сабабчи сенсан. Сўнгра Шоҳга ва Унинг Ўғлига маъқул келадиган кечирим мактубини ёзиш учун кимга мурожаат қилиш кераклигини ўргатдинг.» Ниҳоят, Эммануил унинг қалъани ҳимоя қилишдаги хизматларини ҳам кўрсатиб, бунинг учун унга мукофот ваъда қилган эди. Шундан кейин Ишонч бешинчи мактубни — бутун шаҳар аҳлига аталган мактубни тақдим қилди. Мактубда шундай айтилган эди: «Менга муттасил юборган кечирим мактубларингизга эътибор бердим. Тез орада сизлар бу ҳаракатларингизнинг мевасини кўрасизлар.» Эммануил уларни руҳан қатъийликлари, сабр–тоқат кўрсатганлари, Иблиснинг хушомадлари, таҳдидлари олдида иккиланмасдан Эммануилга бўлган ишончини сақлаб қолганлари учун мақтаган эди. Мактуб сўнгида Шаҳзода шундай деган эди: «Мен шаҳардан кетаётиб, шаҳарнинг ташвишларини Бош вазирга ва йўлбошчи Ишончга топшириб келганман. Шунинг учун сизлар уларнинг маслаҳатларига қулоқ солинглар. Вақти келиб, бунинг учун мукофот оласизлар.» Ишонч ҳамма мактубларни топшириб, Буюк Устознинг ҳузурига йўл олди. Чунки У Ишончни жуда ҳам қадрларди. Эммаунилнинг фаолияти шаҳар аҳлига қараганда, бу иккаласига яхши маълум эди. Кўпинча ҳамма бошлиқлар ва аҳоли умидсизликка тушганда, Ишонч Бош вазирдан махфий равишда тасалли ёки ҳаётбахш таом олар, натижада Ишонч дарҳол тетиклашарди. Бу сафар Ишонч алоҳида хурсандчилик билан қабул қилинди ва ҳатто Иблисга қарши бўладиган жанг-да бутун Руҳ кучларига бош қўмондон этиб тайинланишини билди. Шаҳар аҳли шунга ишонч ҳосил қилдики, Ишонч Шаҳзодага жуда ҳам маъқул экан, шунинг учун фақат уни жавобсиз жўнатмабди. Бунинг устига, Буюк Устознинг ҳам Ишончга бўлган ҳурматини кўрдилар. Улар Буюк Устознинг олдига келиб: «Ишончни шаҳар бошлиғи ҳамда лашкарбоши қилиб тайинласангиз», деб илтимос қилдилар[156]. Шаҳар аҳли томонидан ноиб қилиб сайланган Виждон шаҳар аҳлининг илтимосини Бош вазирга етказди. Бош вазир: «Илтимосларингиз қондирилади», деб жавоб берди. Лекин душманнинг эътиборини тортмаслик учун буларнинг ҳаммаси яширинча қилинди. XVI Боб Шаҳарни эгаллаш учун янги режа тузилади: Иблис тарафдорлари аҳолини бойлик билан ўзларига тортишни режалаштирадилар. — Эммануил ўз ваъдасига кўра, Руҳ қўшинига ёрдам бериш учун жанг майдонида пайдо бўлади. Натижада Шубҳанинг жамики қўшини тамомила тор–мор қилинади. — Эммануил шаҳарга киради, аҳоли уни шод–хуррамлик билан кутиб олади. Энди ҳикоямизга қайтамиз. Иблис ўз таклифларига шаҳар бошлиғи Идрокдан ва қалъа коменданти Худо Қўрқувсидан қатъий рад жавобини олгандан кейин, ғазабга минди. «Шаҳарни қандай қилиб йўқ қилсак бўлади», деб муҳокама қилиш учун ҳарбий кенгаш чақирди. Барча дўзах беклари, Иблис қўшинларининг ҳамма қўмондонлари қария Умидсиз бошчилигида йиғилдилар. Иблиснинг мақсади — қалъани олиш, бусиз у ўзини шаҳарнинг хўжайини деб ҳисоблай олмасди. Бири ундай маслаҳат берди, бошқаси — бундай, хуллас, ҳар ким ўз фикрини айтди. Ниҳоят, кенгаш раиси Аполлион ўрнидан туриб, гапини шундай бошлади: «Биродарлар, дўстлар! Сизларга икки йўлни таклиф қилмоқчиман: биринчиси — шаҳардан узоқлашиш, чунки бизнинг у ерда бўлишимиз бефойда. Чунки қалъа ҳамон душманнинг қўлида, у ерда Худо Қўрқувсидай қўмондон доим ҳушёр турар экан, биз қалъани эгаллай олмаймиз. Қалъадагилар бизнинг кетганимизни кўрганларидан кейин, улар хурсанд бўлиб, дам оладилар. Ана ўшанда биз қалъага ҳар доимгидан қаттиқроқ зарба беришимиз мумкин ёки эҳтимол, кетишимиз билан йўлбошчиларни очиқ майдонга чиқишга мажбур қилармиз. Ўзларингизга маълум, улар шаҳар ташқарисида жанг қилишга қодир эмас. Балки тузоқ қўярмиз, улар тузоққа осонликча илинадилар, биз эса қийинчликсиз қалъани эгаллаймиз.» Лекин Болзабул эътироз билдирди: «Ҳаммани қалъадан чиқаришнинг имкони йўқ. Кўпчилиги қолишига ишонаман. Шунинг учун бошқача ҳаракат қилиш керак. Энг ишончлиси, менимча, Аполлион бошида маслаҳат берганидай, аҳолини гуноҳга бошлаш керак (2 Бутрус 2:18–21). Шубҳалар қўшинимизни узоқда ушлаб туриш нафақат бефойда, балки зарарлидир. Лашкарни олиб кетишимиз керак эмас, балки қалъага ёриб киришга ҳаракат қилишимиз лозим. Ана шундагина қалъа бизники бўлади.» Суҳбатга Люцифер аралашди: « Мен муҳтарам Болзабулнинг гапларини қўллаб-қувватлайман. Лекин унинг сўзларига айрим қўшимчалар қилмоқчиман. Аҳолига энди таҳдид қилиб, уларни азоблар билан қўрқитмайлик, балки аста–секинлик билан уларни заминий бойликларга ташна бўлишга ўргатайлик. Шаҳар — савдо–сотиқ шаҳри, ҳадемай бозор куни бўлади. У ерга бир неча ақлли ёш йигитларнинг қўлларига ҳар –хил товарлар бериб жўнатайлик. Улар товарларни иложи борича арзон нархда сотишсин, кўрасизлар, ҳаммалари ўзларини товарга ташлашади. Кимни юборишни ҳам мен ўйлаб қўйдим. Улар айёр, эпчил, бирининг исми — Тангатежар — Сўмотар, иккинчисиники —Беклик йўқотар–Лекин Музофот олар[157]. Иккови ҳам бу ишга жуда мос. Уларга яна дўстлари Қувончли Олам билан Заминий Фаровонликни ҳам қўшиб қўйсак бўлади. Улар шаҳарда савдо–сотиқ қилсинлар, аҳоли бойишига ёрдам берсинлар, бизнинг талабимиз ҳам шу. Мана шу йўл билан биз қанчасини ўз ҳукмронлигимиз остида тутиб турамиз (Ваҳий 3:17). Агар биз қўрқитиб юбормасак, аҳоли моддий бойликларга мафтун бўлиб, хавф–хатарни унутади, ҳушёрликни йўқотади, шаҳарни, қалъани, ҳатто дарвозаларни қўриқлашни унутади. Биз инсонларни заминий фаровонликка шунақанги қизиқтириб қўяйликки, улар қалъани мустаҳкамлаб, доимо жанговар ҳолатда ушлаб туриш ўрнига, савдо растасига айлантирадилар[158]. Эҳтимол, расталар товарлар билан тўлиб кетиб, бошлиқларга у ерда жой ҳам топилмай қолар. Эсларингизда борми, бойлик ва маиший лаззат каломни босиб кетади. (Лука 8:14) Қалб қашшоқликка, ичкиликбозликка, маиший тараддудларга берилса, ҳар қандай мусибат тўсатдан келади (Лука 21:34–36). Дўстлар, яна шуни айтиб қўяй. Ўзларингиз биласизлар, ёнимизда, уйимизда Сероб, Исрофгар, Шаҳват, Манман, Мақтанчоқ каби ўз уруғимиздан бўлган садоқатли дўстларимизни сақлаб турмасдан, кимнидир ўз бойлигимизга мафтун қилишимиз мумкин эмас. Улар қалъани эгаллашлари, ҳатто портлатишлари, ҳеч бўлмаганда, Эммануил учун яроқсиз аҳволга келтиришлари мумкин. Катта лашкар билан эгаллагандан кўра, бу йўл билан осонликча эгаллаймиз. Хуллас, шовқин–суронсиз ўзимизни четга олайлик, бу ишга қандай қилиб киришишимизни муҳокама қилайлик.» Бу таклифни ҳамма бир овоздан маъқуллади. Руҳни дунёвий ташвишларга тортиш ғояси жуда зўр кўринди. Лекин…дўзах ҳукмдорларининг бу қарори билан бир пайтда ҳеч ким кутмаган воқеа юз берди. Йўлбошчи Ишонч Эммануилдан қуйидаги мазмунда мактуб олди[159]. Мактубда ёзилишича, учинчи куни Ишонч шаҳар яқинидаги очиқ майдонда Шаҳзода билан учрашиши керак эди. Ишонч бу сўзларнинг маъносини тушунмасдан, Буюк Устоз тушунтириб беради, деб Унинг ҳузурига йўл олди. Доно вазир шундай тушунтирди: «Бугун иблислар йиғилишиб, сизларни қандай қилиб ҳалок қилиш тўғрисида маслаҳатлашганлар. Улар шаҳарни шундай аҳволга солмоқчиларки, шаҳар шубҳасиз, чинакамига ҳалокатга учрайди. Шунинг учун улар шаҳардан чекинадилар. Лекин ниятлари амалга ошгунча шаҳар яқинида қоладилар. Сен эса Шоҳнинг одамлари билан майдонда иблисларга ҳужум қилиш учун тайёр бўлиб тур. Учинчи куни қуёш чиқиши билан Эммануил ўша ерда бўлади. Унинг ёнида сон–саноқсиз лашкарлари ҳам бўлади. Хуллас, сизлар Эммануил билан бирга душманнинг қароргоҳини ўраб оласизлар. Душман эса қутулишга имкон тополмайди.» Ажойиб хабарни эшитган Ишонч ўша зоҳоти бу янгиликни етказай, деб шаҳар оқсоқоллари ҳузурига йўл олди ва боргач, шундай деб хитоб қилди: «Мен учун илгари зулматда яширин бўлган нарса Буюк Устознинг нури сабабли очиқ–ойдин бўлди.» Ҳамма чин юракдан хурсанд бўлди. Карнайчиларга: «Девор устига чиқиб, билган энг яхши куйингизни чалинглар!» деган буйруқ янгради. Худди буюрилгандай бўлди. Иблис ва унинг лашкари кутилмаган бу мусиқадан жуда ҳайратга тушдилар: «Бу нима бўлдийкин? — сўради Иблис. — Нима сабабдан улар бунчалик хурсанд бўляпти экан?» Кимдир: «Бу хурсандчиликдан Шаҳзода уларга ёрдамга келаётганга ўхшайди, уларнинг нажот топиш вақти–соати етиб келган», деб тушунтирди. «Биз нима қилишимиз керак?» — такрор–такрор сўради эсанкираган зулмат беги. «Яхшиси, кенгашда қарор қилганимиздай, қочиб қолайлик, — деди жангчилардан бири, — чунки мабодо шаҳар аҳолисига лашкар ёрдамга келганда ҳам, очиқ майдонда жанг қилишимиз осон бўлади.» Кейинги куни Иблиснинг лашкари йиғилиб, шаҳардан анча нарига — Кўз дарвозасидан кўринадиган жойгача узоқлашди. Даҳшатли манзара пайдо қилиб, ўша жойда ўрнашдилар. Улар: «Мабодо хавф–хатар туғилиб қолса, майдон ўртасидан қочиб кетишимиз осон бўлади», деб ўйладилар. Жанг бошланадиган пайт келганда, йўлбошчи Ишонч ҳамма йўлбошчиларга: «Ҳаммаларингиз чиқишларингиз керак, эртага бизларни Шаҳзоданинг Ўзи кутиб олади», деб эълон қилди. Қувонч садолари ҳамма ёқни босиб кетди. Лашкар Нутқ дарвозасидан чиқиб, Ишонч бошчилигида майдонга йўл олди. «Эммануилнинг қиличи, Ишончнинг қалқони« парол эди. Бу уларнинг шевасида «Худонинг каломи ва имон» дегани эди. Шундай қилиб, Шаҳзоданинг лашкари Иблиснинг лашкарига қараб юрди. Йўлбошчилардан бири Тажрибали шаҳарда қолди. Чунки у олдинга жангларда кўп жойидан оғир яраланиб, қўлтиқтаёқсиз юра олмасди[160]. Лекин ўз одамлари жангга бораётганини кўргач, ўзини ушлаб туролмади. Қўлтиқтаёғига таяниб, уларнинг ортидан кетди. «Шаҳзоданинг Ўзи жанг майдонида пайдо бўлишига ваъда берганда, мен бу ерда қоламанми?!» деди. Йўлбошчилар лашкари билан доимо «Эммануилнинг қиличи, Ишончнинг қалқони!» деб баланд овозда хитоб қилиб, иблислар билан мардларча жанг қилдилар. Иблислар оқсоқланаётган йўлбошчи Тажрибалини кўриб, ҳайратда қолдилар ва хавотирланиб, бир–биридан сўрадилар: «Уларда бундай жасорат қаердан пайдо бўлди–я. Ҳатто чўлоқлар ҳам қўлтиқтаёқ билан бизга қарши келяпти–я!» Шоҳ лашкари моҳирлик билан Иблис лашкарини ўраб олгач, Иблис ҳеч нарсани кутиш керак эмаслигини тушунди ва ғазаб билан олдинга ташланди. Иблисни биринчи бўлиб йўлбошчи Ишонч билан Эркин Майл бек кутиб олди. Икковлари қаттиқ олишдилар. Бошқа қўмондон Эзгу Умид Шубҳа билан олишди. Шубҳа ўзини қаттиқ мудофаа қилди. Лекин у кучли эди. Чўлоқ Тажрибали унга ёрдамга шошилди. Иккаласи бир бўлиб Шубҳани чекинишга мажбур қилди. Шоҳ лашкарининг қолган ҳамма қисмлари ҳам бошқа иблислар билан жанг қилдилар. Тан олиш керакки, иккала томон ҳам қаттиқ жанг қилди. Шунда Бош вазир: «Шаҳар девори устидаги палахмонларни ишга солинглар!» деб буйруқ берди. Тош душман устига дўлдай ёғилди. Лекин орадан маълум вақт ўтгач, Иблиснинг тарқалиб кетган лашкари яна йиғилишиб, ғазаб билан Шоҳ лашкарига отилдилар. Аҳоли бундай шиддатли ҳужумни кутмаган эди. Улар қалтираб, ўзларини ҳимоя қилишга ўтдилар. Лекин тез орада Эммануилнинг юзини кўришларини эслаб, янги куч билан душманга ташландилар. Йўлбошчилар «Эммануилнинг қиличи, Ишончнинг қалқони!» деб қаттиқ бақирдилар. Иблис уларга қўшимча куч етиб келганини англаб, чекинди. Лекин Эммануил ҳамон йўқ эди. Ҳар иккала томон учун ҳам жанг муваффақиятли томонга ўзгарди, иккала томон ҳам бир оз чекинди. Ишонч «Тез орада Эммаунил келади», деган ваъда билан лашкарини руҳлантирди. Иблис ҳам имкони борича сипоҳларига далда берди. Ниҳоят, Ишонч лашкарига қуйидагича мурожаат қилди: «Биродарларим! Бугун сизлар мардларча олишаётганингизни кўриш мен учун қувончли. Сизлар ҳақиқатнинг жасур ҳимоячиси эканликларингизни кўрсатдингизлар. Иблисларнинг эса мағрурланишга ҳеч нарсалари йўқ. Энди яна бир марта кучларингизни йиғиб, Шоҳимизга лойиқ лашкарлар эканингизни кўрсатинглар. Бир неча дақиқа жангдан кейин У олдиларингизда пайдо бўлганини қўрасизлар. Иккинчи ҳужумга кетдик. Шундан кейин Эммаунил келади.» Ишонч гапини тугатиши биланоқ Тез деган биттаси Шаҳзоданинг олдидан от чоптириб келиб қолди ва «Шаҳзода яқинлашиб келяпти», деб эълон қилди. Ишонч бу хабарни қўмондонларга, қўмондонлар эса бутун лашкарга етказдилар. Ҳамма тирилган ўликлардай оёққа турди ва баланд овоз билан «Эммануилнинг қиличи, Ишончнинг қалқони!» деб ҳайқирдилар. Иблислар ҳам кучларини тўплаб, имкон қадар ўзларини ҳимоя қилдилар. Лекин кўп ўтмай омад улардан кетди. Шубҳалардан кўпчилиги ўлди. Бирор соатлардан кейин Ишонч бошини баланд кўтариб қараган эди, яқинлашиб келаётган Эммануилни кўрди. Унинг байроқлари ҳилпирар, қарнайлари чалиниб келаётган эди. Унинг лашкарларининг оёғи гўё ерга тегмагандай туюларди. Улар Руҳнинг жасур лашкарларига ёрдамга учиб келишаётган эди. Шунда йўлбошчи Ишонч лашкарини шаҳарга бурди. Эммануил эса душманнинг орқа томонидан борди. Иблислар қамалда қолганларини сездилар ва ўзларини қаттиқ ҳимоя қила бошладилар. Орадан маълум дақиқалар ўтгач, Шаҳзода ва йўлбошчи Ишонч душман мурдалари устидан ўтиб бир–бирига яқинлашиб келдилар ва ниҳоят учрашдилар. Бошқа йўлбошчилар Ишончга томон келаётган Эммануилни ва улар ўртасида тирик қолган иблисларни кўрганларида, улар «Эммаунилнинг қиличи, Ишончнинг қалқони!» деб шундай қаттиқ ҳайқирдиларки, ер титраб кетди. Ер остидан бир неча бор такрорланган ер ости акс–садоси эшитилди. Иблис эса Эммануилни ва Унинг ғолиб лашкарини кўриб, қўл остидаги зулмат беклари билан бирга қочиб қолди. «Бу мушкул аҳволдан ё ўзлари халос бўлсин, ёки Шаҳзода ва Ишончнинг қўлида ҳалок бўлсин», деб лашкарини ташлаб кетди. Ҳамма Шубҳа қўшини ҳалок бўлди. Биронтаси ҳам тирик қолмади, бутун майдон жасадлар билан тўлиб кетди. Жанг тугагач, қўмондонлар ва шаҳар оқсоқоллари Шаҳзода билан саломлашгани ва қайтиб келгани учун Унга миннатдорчилик билдиргани яқин келдилар. У меҳрибонлик билан кулиб: «Омон бўлинглар», (Юҳ.20:19) деди. Шундан кейин ҳаммалари У билан ва У бошлаб келган кучлар билан бирга шаҳарга йўл олдилар. Ҳамма дарвозалар очилиб, аҳоли Шаҳзодани кутиб олишга чиқди. Бу ҳодиса қуйидагича кечди: 1. Ҳамма дарвозалар, ҳатто қалъа дарвозаси ҳам очилди[161]. Оқсоқоллар ва шаҳар аҳолиси дарвоза олдида туришарди. Улар Эммануилни олқишлаб, шундай хитоб қилишди: «Очинглар дарвозани, эй бошлиқлар! Эй абадий эшиклар, очилинглар! Шон–шуҳрат Шоҳи кирсин!» Бошқалари эса: «Қайси бири Шуҳрат Шоҳи?» деб сўрашар ва ўзларига ўзлари: «Мустаҳкам, кучли Раббий! Совут кийган кучли Раббий! Очинглар дарвозани, эй бошлиқлар! Эй абадий эшиклар, очилинглар!» (Забур 23:7–9) деб жавоб беришарди. 2. Хор ташкил қилиниб, Шаҳзоданинг ёнида борди ва ажойиб қўшиқ куйлади: «Сенинг юришингни кўрдик, Эй Раббим! Раббимнинг, муқаддас Шоҳимнинг юришини кўрдик…» (Забур 67:25) Қўшиққа доира ва най жўр бўлди. 3. Эммануилнинг ёнида йўлбошчилар қуйидаги тартибда бордилар: Олдинда Ишонч ва Умид, орқада кўп дўстлари билан Севги, охирида эса Сабр борарди. Бошқалардан кимдир Эммануилнинг ўнг томонида, кимдир чап томонида борарди. Байроқлар ҳилпирар, лашкар Эммануилни шодлик ҳайқириқлари билан кутиб олди. Шаҳзоданинг Ўзи олтин қурол–аслаҳа осган, қирмизи матолар қопланган кумуш извошда эди. 4. Кўчаларга гулсафсарлар, кўм–кўк дарахт шохлари тўшалган эди[162]. Ҳамма бир бўлиб: «Ота — Шоҳ Шадайнинг номи билан яқинлашиб Келаётган марҳаматласин», деб хитоб қилди. 5. Қалъа дарвозасида Уни шаҳар бошлиғи Идрок, Эркин Майл бек, воиз Виждон, Билим, Мулоҳаза хурсандчилик билан қарши олдилар. Улар таъзим қилиб, дуо қилиб: «Бизнинг итоатсизлигимизни исёнкорлигимизни бошқа эсламагани учун, бизга шафқат билан қайтаётгани учун Шоҳимизга ҳамду санолар!» деб миннатдорчилик билдирдилар. Шундай қилиб, Шаҳзода олдиндан Бош вазир томонидан тайёрлаб безатилган қалъага кирди. 6. Унинг ортидан аҳоли йиғлаб, тавба–тазарру қилиб кирди. Ҳамма ўзининг нолойиқлигини ва айбдорлигини англаб, кечирим сўраб, Унга етти марта таъзим қилди: «Бизнинг қалъамизда яна жойлашинг», деб илтимос қилдилар. Шаҳзода уларга шундай жавоб берди: «Боринглар, баракалисидан еб, ширинидан ичинглар, бир қисмини ҳеч нарса тайёрламаганларга жўнатинглар…ғам чекманглар, чунки Раббий олдидаги шодлик — сизлар учун қувватдир. (Нехем. 8:10) Мен Руҳга шафқат билан қайтиб келдим. Менинг исмим унда мадҳ қилинади.» Кейин У аҳолининг ҳар биттасига тинчлик бўсасидан берди. Бундан ташқари, у бошлиқлар ва оқсоқолларга олтин занжирлар ва муҳрлар, уларнинг хотинлари билан болаларига ҳар хил қимматбаҳо ҳадялар инъом қилди. Сўнг Эммануил уларга айтди: »Боринглар, либосларингизни ювинглар[163], эгниларингизга Мен берган зеб–зийнатларни тақинглар, кейин қалъага Менинг ҳузуримга келинглар.» Улар бориб, Яҳудо қабиласи ва Қуддус учун қилинган булоқда либосларини ювдилар. (Зак. 13:1) Зеб–зийнатларини тақиб, Эммануилнинг олдида ҳозир бўлдилар (Ваҳий 7:14,15.). Шаҳарда шодлик, ўйин–кулги ҳукмрон эди. Мусиқа янграган, қўнғироқлар чалинган, ҳамма ўйинга тушарди. Шу орада аҳоли ғайрат билан яширинган иблисларни излашда давом этдилар ва уларни шафқатсиз равишда қирдилар. Айниқса, иблислар учун энг хавфлиси Эркин Майл бек бўлиб, уларни қўрқувга солар, ночор аҳволда қолдирарди. Аҳоли: «Жанг пайтида ўлдирилган Шубҳаларнинг мурдалари дафн қилинсин, бўлмаса, жасадлар чириганидан йиринг ва бадбўй ҳид шаҳар ҳавосини бузади, Руҳнинг олдинги қайғуларидан ва янглишишларидан ҳеч қандай хотира қолмасин», деган буйруқ олди. Бу ишнинг ижросини назорат қилиш Худо Қўрқувси билан Софдил зиммасига юклатилди. Ҳамма шубҳалар дафн қилинди[164]. Шундай қилиб, шаҳарда улардан ҳеч нарса сақланиб қолмади. Иблис лашкарининг қўмондонлари ҳалок бўлган ва қўрқинчли қуроллари билан бирга дафн қилинган сипоҳларини ташлаб, зулмат беги билан қочиб кетдилар. Чунки уларнинг қуроллари дўзах билан тўйинтирилган эди. Шунингдек, Иблиснинг байроқлари, тамғалари, жанг майдонида қолган ҳамма нарсаси кўмилди[165]. XVII Боб Шубҳа ва Қонхўрнинг янги лашкари ёки золимлар шаҳарга ҳужум қиладилар. Лекин уларнинг қўшинини Руҳ қўшини ўраб олиб тор–мор қилади. — Зараркунанда Мужмал тирик қолган Шубҳани ҳузурига қабул қилади, лекин Ҳафсала бундан хабар топади. У ҳаммасини қамайди. — Шубҳа устидан ҳукм эълон қилинади. У айбдор деб топилиб, қатл қилинади. Зулмат беги билан унинг дўсти Умидсиз дўзах ўғрихонасига қайтиб келганларидан кейин, олдин тирик қолганлар билан бирга катта талафот кўрганларидан куйиб–ёниб, ғам чекдилар. Кейин аста–секин яна тишларини қайраб, талафот кўрганлари учун қасос олишга қасам ичдилар. Улар шаҳарни вайрон қилиш учун янги усулларни ўйлагани ҳарбий кенгаш чақирдилар. Кенгашда бошқа юриш қилишга қарор қилинди, бу сафар Шубҳалар ва Қонхўр[166] лашкарини тўплашга қарор қилинди. Аввало, бу одамлар ким, уларнинг насл–насаби қандай — тушунтиришга тўғри келади. Шубҳалар бу номни қисман ўзларининг феъл–атворидан, қисман ўзлари яшайдиган мамлакатнинг номидан олганлар. Улар туғма табиатига кўра, Эммануилнинг ҳар бир ҳақиқатидан кейин сўроқ аломатини қўядилар. Уларнинг мамлакати Шубҳалар юрти деб юритилади. Бу юрт чекка шимолда — Зулмат мамлакати билан Ўлим Кўланкаси водийси номи билан машҳур бўлган жойнинг ўртасида жойлашган. Кўпинча бу икки мамлакатни бир деб қарашади. Лекин бу мамлакатлар бир–бирига яқин масофада жойлашган бўлса ҳам, аслида ундай эмас. Шубҳа юрти уларнинг ўртасида жойлашган. Руҳ шаҳрини ҳалок қилишга келган Иблис лашкари шу юртнинг аҳолисидан иборат эди. Қонхўрлар ҳам бу номни ўзларининг феъл–атвори ва инсонларга зарар келтиришга доир туғма табиати туфайли олганлар. Уларнинг ери айнан Ит буржида жойлашган ва уларнинг дунёқарашини ҳам бу ном кўрсатиб туради. Улар Ношукур мамлакатида истиқомат қиладилар. Бу мамлакат кенг, бир учи Дўзах дарвозаси тоғлари орқали Шубҳалар ерига бориб туташади. Бу мамлакатнинг аҳолиси Шубҳалар билан яхши алоқада, Руҳ шаҳри аҳолисининг эътиқодини тан олмайдилар. Шунинг учун зулмат бегига бир хилда эътиқод қўйганлар. Бу иккала мамлакатнинг аҳолиси Иблиснинг йигирма беш минглик лашкарини ташкил қилган эди. Шундан ўн мингтаси Шубҳалар еридан эди. Зулмат беги уларнинг кучига унчалик ишонмагани учун лашкарнинг кўп қисмини улардан олмаган эди. Лекин бир куни синаб кўрилди. Умидсиз яна бош қўмондон этиб тайинланди. Лекин лашкарнинг бундан бошқа эътиборли қўмондонлари ҳам бор эди. Шубҳаларнинг олдинги еттита қўмондонидан бештаси тирик қолган эди. Булар — Болзабул, Люцифер, Аполлион, Легион ва Қаҳрли эди. Улар яна қўмондон этиб тайинландилар. Лекин Иблиснинг бутун умиди Қонхўрлардан эди. Уларнинг ихтиёрига қуйидаги қўмондонлар берилган эди[167]: Қобил, Нимрўд, Исмоил, Эсов, Шоул, Абусалом, Яҳудо ва Поп.[168] 1. Қўмондон Қобил — иккита тўданинг, хусусан, жонбоз ва ғаразгўйлар тўдаларининг бошлиғи. Байроғи — қизил рангда, тамғасида темир дастали тўқмоқ тасвирланган (Ибт. 4:8). 2. Қўмондон Нимрўд — Қонхўрлардан золимлар ва мустабидлар тўдаларининг бошлиғи. Байроғи қизил рангда, тамғасида ов ити (Ибт. 10:8). 3. Қўмондон Исмоил — Қонхўрларнинг жабрловчилар ва масхараловчилар тўдаларининг бошлиғи. Байроғи қизил рангда, тамғасида Иброҳим билан Исҳоқни масхаралаб турган одам тасвирланган (Ибт. 21:9,10). 4. Қўмондон Эсов — унинг битта тўдаси бошқалар дуосига ҳасад қиладиган Қонхўрлардан, иккинчи тўдаси қасос олиш билан яшайдиган Қонхўрлардан ташкил топган эди. Байроғи қизил рангда, тамғасида Ёқубни айёрлик билан ўлдирмоқчи бўлиб турган кимдир тасвирланган (Ибт. 27:42–45). 5. Қўмондон Шоул — сабабсиз ҳасад қиладиган ва иблисларча ғазабланадиган Қонхўрлардан иборат эди. Байроғи қизил рангда, тамғасида — айбсиз Довудга қадалган учта қонли найза тасвирланган (1 Шоҳ.18:10; 19:10; 20:33). 6. Қўмондон Абусалом — дунёвий шон–шуҳрат учун отасини ёки дўстини ўлдиришга тайёр ва қиличдан ўладиган юзаки тақводор Қонхўрлар тўдаларидан ташкил топган эди. Байроғи қизил рангда, тамғасида падаркуш тасвирланган (2 Шоҳ. 15,16, 17). 7. Қўмондон Яҳудо — иккита тўданинг бошлиғи; бири — инсон ҳаётини пулга сотишга тайёр Қонхўрлардан, иккинчиси — ўпич билан ўз валийнеъматини сотадиган Қонхўрлардан ташкил топган эди. Байроғи қизил рангда, тамғасида 30 та кумуш танга ва арқон тасвирланган (Матто 26:14–16). 8. Қўмондон Поп — битта тўданинг бошлиғи; унинг тўдаси юқорида айтилган руҳларнинг қўшилмасидан ташкил топган эди. Байроғи қизил рангда, тамғасида қозиқ, қозиқ устида эса илтижо қилаётган жафокаш тасвирланган (Ваҳий 13:7; Дан. 11:33). Иблис Қонхўрларнинг садоқатига бир неча марта ишонч ҳосил қилган эди. Улар Иблис шоҳлигининг мустаҳкамланишига озмунча ёрдам бермадилар. Бунинг устига улар худди йиртқич итлардай, ҳаммани — отаси бўладими, ёки бошқаси бўладими, ҳатто Шаҳаншоҳ бўладими, барибир — тилка–пора қилиб ташлашга тайёрликларини олдиндан билардилар. «Балки улар Эммануилни ҳам Руҳ шаҳридан қувиб юборарлар», деб ўйлади Иблис. Шундай қилиб, Умидсиз бошчилигида бутун лашкар девор ёнида жойлашдилар. Соқчилар бошлиғи Синчков: «Душман бирон нарса қилгани тайёргарлик кўрмаяптимикан», деб тез–тез ўзи чиқиб хабар оларди. У Иблис лашкари яқинлашиб келаётганини кўрди–ю ўша зоҳоти шаҳар оқсоқолларини огоҳлантирди. Руҳ аҳолиси дарвозаларни маҳкамлаб, мудофаага тайёргарлик кўра бошладилар. Лекин душман лашкари яқин келишга муваффақ бўлди. Шубҳалар Сезги дарвозасининг ёнгинасида, Қонхўрлар эса Кўз ва Овоза дарвозалари ёнида жойлашдилар. Сўнг Умидсиз Иблис номидан, Қонхўр эса шахсан ўз номидан аҳолига даъват қилдилар. Уларнинг даъвати, қизиган темир босганда сескантиргандай, бутун шаҳарни ларзага келтирди: «Агар таслим бўлмасангизлар, шаҳарга ўт қўямиз.» Қонхўрлар Руҳни топширишга эришишни асло ўйламасдилар, улар шаҳарни тамомила вайрон қилишни истардилар. Агарда аҳоли таслим бўлганларида ҳам, барибир, қатл қилинишдан қочиб қутулмасдилар. Чунки Қонхўрларга қон керак эди, улар қонсиз яшай олмайдилар (Ис. 59:7; Ерем. 22:17). Иблис уларни шу мақсадда олиб келган эди. Аҳоли даъватни эшитганларида, улар бир овоздан бу даъватнинг мазмунини Эммануилга етказишга қарор қилдилар ва охирида «Эй, Шоҳимиз! Ўз ижодингни Қонхўрлардан халос қил!» (Забур 58:3) деб илтимосларини ёздилар. Шаҳзода илтимосни қабул қилди, уни ўқиб, остига қўшимча белги қўйди ва йўлбошчи Ишончни чақирди. Унга: «Йўлбош-чи Сабрни ёнингга олиб, Қонхўрлар жойлашган томондан шаҳарни қўриқланглар!» деб буюрди. Улар буйруқни тўла–тўкис бажардилар. Сўнгра Эммануил Эзгу Умидга, йўлбошчи Севгига ва Эркин Майл бекка: «Шаҳарни Шубҳалар жойлашган томондан мудофаа қилинглар», деб буюрди. «Мен эса Ўзимнинг байроғимни қалъанинг энг юқорисига ўрнаштираман.» Сўнгра У йўлбошчи Тажрибалига: «Лашкарни майдонга тўплаб, шаҳар аҳлининг кўз олдида ўқув машғулотлари ўтказ», деб буйруқ берди. Қамал узоқ вақт давом этди. Қонхўрлар шаҳарга бир неча марта ҳужум қилдилар. Бу ҳужумлардан аҳолининг баъзилари, айниқса қўмондон Жонбоз[169] шикастланди. Эммануил уни мингбоши қилиб тайинлаган эди. У ёш, жасур, ўз одамлари билан бир неча марта муваффақиятли ҳужумлар уюштирган, Қонхўрларни ваҳимага солган ва кўпини ўлдириб, ярадор қилган эди. Лекин ўзи ҳам кўп жароҳат олган ва юзларида қаттиқ олишувларнинг излари қолган эди. Орадан маълум вақт ўтгач, Руҳнинг ишончи, умиди ва севгиси синалаётган пайтда Эммануил бир куни ҳамма йўлбошчиларни чақирди. Уларни иккига бўлинишга буюриб, деди: «Бир қисмингиз Шубҳаларга қарши жанг қилинглар, уларни аёвсиз ўлдиринглар. Қонхўрларга қарши борадиганларингиз эса уларни ўлдирманглар, тириклайин асирга олинглар».[170] Белгиланган пайтда —азонда Эзгу Умид, Севги, Беайб ва Тажрибали Шубҳалар билан жанг қилгани, йўлбошчилар Ишонч, Сабр ва Жонбоз лашкарини бошлаб Қонхўрлар билан жанг қилгани кетдилар. Шубҳаларга қарши чиққанлар очиқ майдонда йиғилишиб, ҳужум қилдилар. Лекин Шубҳалар биринчи урушни эслаб, қўққисдан қилинган ҳужумдан қўрқиб кетдилар ва чекиндилар. Шаҳзоданинг лашкари уларни таъқиб қила бошладилар ва тутганларини ўлдиравердилар. Лекин кўпчилиги яширинишга улгурдилар ва кейин ўзлариникига қайтиб келдилар. Тирик қолганлари ўша зоҳоти қочиб кетолмадилар. Маълум вақт ёввойи халқларга нисбатан ҳар хил иблисона ишларни қилиб, гуруҳ–гуруҳ бўлиб дайдиб юрдилар. У халқлар иблисларга қарши туришга кучлари етмагани учун, кўп ўтмай уларнинг таъсирига тушиб қолдилар. Баъзан Шубҳалар шаҳар девори ёнига келардилар–у лекин ичкарига кира олмасдилар. Чунки Ишонч, Эзгу Умид ва Тажрибали кўринишлари биланоқ, иблислар ўша зоҳоти қочиб қолардилар. Қонхўрларга қарши борган лашкар ҳам Эммануил буюрганидай, ўз вазифасини бажарди. Улар душманларни асирга олишга ҳаракат қилдилар, лекин ўлдирмадилар. Лекин Қонхўрлар кўрдиларки, душманнинг лашкари бошида Шаҳзода йўқ. «Шаҳзода шаҳарда йўқ бўлса керак», деб ўйладилар. Йўлбошчиларни эса улар жуда ёмон кўрардилар. Йўлбошчилар ўз вазифаларини ёдда тутиб, душманни ҳар қандай йўл билан ўраб олишга ҳаракат қилдилар. Шубҳалар билан жангдан қайтиб келаётган лашкарлар ёрдамга шошилдилар. Ҳаммалари биргаликда Қонхўрларни ўраб олишга муваффақ бўлдилар. Қонхўрлар аввалига қаршилик кўрсатдилар, лекин барибир таслим бўлдилар. Бу ўринда шуни айтиш керакки, Қонхўрлар — шафқатсиз халқ, лекин улардан устун келсангиз, қўрқоқ, заиф халқ. Қонхўрлар асирга олиниб, Шаҳзоданинг олдига олиб келиндилар. Шаҳзода уларга қараб, «Ҳаммалари бир мамлакатнинг одамлари–ю лекин турли вилоятлардан экан», деди. 1. Уларнинг баъзилари Кўр вилоятининг аҳолиси бўлгани учун ақли калталиги ва кўрлиги учун қабиҳ иш қилдилар. (1 Тим. 1:13) 2. Бошқалари Маънисиз Fайрат вилоятидан бўлиб, хурофот туфайли шафқатсизлик қилдилар (Лука 6:22). 3. Учинчи бир қисми Ҳасад вилоятидаги Адоват шаҳридан бўлиб, уларнинг хатти–ҳаракатига нафрат ва чидамаслик раҳнамолик қилди (Юҳ. 16:2). Биринчи тилга олинганлари Кимга қарши жанг қилганларини ва Кимга зарар келтирмоқчи бўлганларини кўриб, шу қадар даҳшатга ва умидсизликка тушдиларки, бошларини кўтариб Шаҳзодага қарашга ботинолмасдилар. Индамай кўз ёшларини оқизиб, титраб, ҳукм қилинишларини кутиб туравердилар. Афв этилишларини сўраб илтижо қилганларнинг ҳаммасига Эммануил афв эълон қилди. Бунинг аломати сифатида У уларнинг оғзига салтанатнинг олтин ҳассасини тегизди (Ҳаворий. 9:5,6). Иккинчи тоифадагилари эса бошқача йўл тутдилар: улар: «Биз шундай иш тутишга ҳақлимиз, чунки шаҳар аҳли биз ҳақиқий деб тан олганларнинг одатларига, қонунларига тамомила зид иш тутдилар», деб тасдиқладилар. Баъзилари эса нотўғри иш қилганларига амин бўлдилар, адашганларини англаб етдилар. Афв этинг, деб Шаҳзодага илтижо қилдилар, Шаҳзода уларни афв этди (Юҳ. 8:40). Учинчи тоифаси эса ғам ҳам чекмадилар, тавба ҳам қилмадилар, ўзларини ҳам оқламадилар, балки адоват билан тишларини ғижирлатиб: «Руҳни ҳалок қилишга муваффақ бўла олмадик», дедилар (Ваҳий 9:20,21). Айбини тан олмаганларнинг ҳаммасини Эммануил иккитадан қилиб кишанлашга буюрди ва «Уларни Оламдаги бутун мамлакатлар учун эълон қилинадиган буюк ҳукм кунигача қамаб қўйинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, уларни ушлаб, кишанладилар ва ўз қилмишлари учун жавоб берадиган пайтгача зиндонга солдилар. Иблиснинг Руҳга қарши қилган иккинчи жанги шу тариқа ниҳоясига етди. Лекин уч–тўртта яшириниб юрган Шубҳалар ўлимдан қочиб, шаҳар яқинида дайдиб юрдилар. Шаҳарда бир неча иблислар яширинча яшаётганларини улар билардилар. Бир куни улар шаҳарга сурбетлик билан киришни истаб қолдилар. Улар аллақандай Ҳалокатли Савол[171] деганнинг уйига йўл олдилар. У аҳолига яширинча душман, иблислар жамиятининг ҳақиқий аъзоси эди. У меҳмонларни алоҳида хурсандчилик билан қабул қилди ва «Қайси вилоятдансизлар?» деб сўраб–суриштира бошладилар. Биттаси: «Мен Худо танлаган Шубҳаларданман», деди, иккинчиси: «Худо даъват қилган Шубҳаларданман», деди. Учинчиси эса: «Мен Худо нажот берган Шубҳаларданман», деб жавоб берди, «Мен эса ҳузур-ҳаловатдаги Шубҳаларданман», деди тўртинчиси. — Бўлди, — деб уларни тўхтатди уй эгаси, — сизлар қайси уруғдан бўлсаларингиз ҳам, ҳаммаларингиз ҳам зўр экансизлар. Кўриб турибман, бўйларингиз менинг бўйим билан тенг[172], фикрлашимиз ҳам бир экан. Шунинг учун меникида меҳмон бўлиб қолинглар. Улар мезбонга миннатдорчилик билдириб, кейинги пайт юз берган воқеаларни муҳокама қилишга ўтдилар. — Қандай қилиб, ўн минглик лашкарингиз бўла туриб, сизлар душмандан қочишингиз керак эди? — деб сўради хўжайин. — Балки қўмондонингиз яхши бўлмагандир? — Уни ёмон деманг, — деб жавоб беришди Шубҳалар. — Гарчи қўмондонимиз Умидсиз биринчи бўлиб қочган бўлса ҳам, Иблис бек бунақасини етти иқлимда ҳам топа олмайди. Агар душманларимиз уни тутиб олганда эди, дарров осган бўлардилар. Ахир, бу биз учун ёмон–ку! — Агар менга ўн мингта Шубҳалар лашкарини берганларида эди, кўрардингизлар, шаҳар уларга бардош бера олармидийкин, — деб мақтанди хўжайин. — Қанийди шундай бўлишини кўрсак, — деб унинг гапини бўлди меҳмонлар, — лекин булар қуруқ гаплар–да. — Жим! Қаттиқ гапирманглар, — деб эътироз билдирди хўжайин қўрқиб. — Билмайсизларми Шаҳзода Бош вазири билан шаҳарда юрибди, уларнинг ёнида Эркин Майл бек ажралмай юрибди. Эркин Майл бекка ҳамма иблисларни ушлаб, осиш буюрилган. Уларнинг жосуслари бизнинг гапларимизни эшитиб қолса нима бўлади?! Ҳаммамиз ҳалок бўламиз. Шу пайт уларнинг суҳбати Эркин Майл бекнинг садоқатли жангчиларидан бири Тиришқоқнинг қулоғига чалиниб қолди. У кечалари билан яшириниб олган иблисларни излаб юрарди. Нотаниш кимсаларнинг овозларини эшитиб қолиб, бу тўғрида бекка ахборот бергани кетди. Икковлари ўша зоҳоти Ҳалокатли Саволнинг масканига йўл олдилар. Эркин Майл бек тезлик билан уйга кирди, бешала иблис у ерда суҳбатлашиб ўтирган эди. Эркин Майл бек ҳаммасини қамаб, зиндонбон Садоқатлининг назорати остига топширди. Эрталаб шаҳар бошлиғи юз берган воқеани эшитганда, жуда хурсанд бўлди. Айниқса, Ҳалокатли Саволнинг қўлга тушганидан жуда мамнун бўлди. Чунки у шаҳар аҳлига, айниқса, Идрокка кўп зарар келтириб, уларни безовта қилган эди. Эркин Майл қўлга тушган иблисларни ва Шубҳаларни дарҳол қатл қилишга ҳаққи бор эди. Лекин у Шаҳзоданинг шарафи учун, аҳолининг фойдаси учун ва душманга ибрат бўлсин, деб маҳбусларга очиқ ҳукмга бериш афзал, деб ҳисоблади. Очиқ ҳукм эртаси кунга тайинланган эди. Зиндонбон занжирбанд айбдорларни судланувчилар курсисига ўтқазди. Ҳалокатли Савол биринчи бўлиб чақирилди. Ҳакам унга шундай деб мурожаат қилди: — Сен Ҳалокатли Савол деган ном билан отнинг қашқасидек маълумсан, сен хориждансан. Сенга қуйидаги айблар қўйиляпти: 1. Сен бизнинг қонун ва низомларимизнинг чинакамлигига шубҳа билан қарагансан. 2. Сен шаҳарда ўн мингта Шубҳаларни кўришни хоҳлагансан. 3. Сен уйингга Шаҳзодамизнинг душманларини таклиф қилиб, уларни яширгансан, уларга далда бергансан. Хўш, бу айбларингга нима дейсан? — Жаноб Ҳакам, — деди айбланувчи. — Мен бу айбларни кимга қаратаётганингизни тушунмаяпман. Менинг исмим Ҳалокатли Савол эмас, балки Идрокли Ҳавасманд[173]. Лекин албатта, бу исмларда баъзи ўхшашликлар бор. Лекин имоним комилки, бу исмлар ўртасида қанчалик катта фарқ борлигини сиз идрокингиз билан англайсиз. Менимча, одам энг оғир пайтларда, майли у энг ёмон одамлардан бўлсин, қатл қилинишга лойиқ бўлмасдан, шубҳали ҳақиқатларучун оқилона ва зарур маълумотларни етказа олади. Эркин Майл гувоҳ сифатида оломон ўртасидан чиқди. — Мен бу одамни биламан, — деди у. — Унинг исми Ҳалокатли Савол эканини тасдиқлайман. Ўттиз йилдирки, мен у билан танишман, яна шуни тан олишим керакки, бизнинг шаҳарда Иблис ҳукмронлик қилган пайтда мен у билан яқин дўст эдим. У Шаҳзодамизга, бизнинг қонунларимизга ва тартибларимизга душман, у ҳақиқий иблис. Ҳакам: Айбланувчи бунга бирон нарса дея оладими? Ҳалокатли Савол: Албатта. Ҳозирча битта гувоҳ гапирди. Шаҳарнинг қонунига кўра, судланувчини айблаш учун битта гувоҳ етарли эмас. Шунда Тиришқоқ чиқди ва қасамёд қилиб, айбланувчи билан Шубҳалар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни эшитгани бўйича батафсил айтиб берди. Ҳакам: Судланувчи! Мана иккинчи гувоҳ ҳам сени айблаш учун чиқди. Хўш, қандай жавоб берасан? Ҳалокатли Савол: Мен шундай жавоб бераман: меникига мусофирлар келишди, уларни уйимга қўйдим. Меҳмондўстлик жиноят бўлиб қолдими? Тўғри, мен уларни меҳмон қилдим, лекин хайр–эҳсон қилиш аллақачон таъқиқланганми? Шубҳаларнинг ўн минг лашкарига қўмондон бўлиш истагимга келсак, мен бу тўғрида гувоҳларга айтмаганман. Агарда мен шундай истакда бўлганимда ҳам, менинг хоҳишларимни бошқача тушунтиришга уларнинг қандай ҳаққи бор?! Мен уларни, эҳтиёт бўлинглар, деб огоҳлантирдим, бу тўғри, шунинг учун бу ерда юз берадиган қатл — оғир томоша, бу — мен Шоҳнинг душманларига ёрдам беришни истаганим учун эмас. Идрок: Меҳмондўстлик — яхши фазилат, лекин Шоҳнинг душманларини қабул қилиш керак эмас. Қолаверса, жавоб бераётганингда айёрлик қиляпсан. Қелиб чиқишинг иблислардан экани ўлимга ҳукм қилинишинг учун кифоя. Ҳалокатли Савол: Сизларнинг ниятингизни кўриб турибман, Хайр–эҳсон қилганим ва ёлғон исмим учун ўлимга тайёрман. Шундан кейин у ўзини оқлашни бас қилди. Сўнгра хорижлик Шубҳаларни бирин–кетин чақира бошладилар. Биринчи бўлиб киргани ўзини, Шубҳа танлаган, деб таништирди ва «Мен шундай тарбияланганман, агар ўз имоним учун ўладиган бўлсам, жафокаш бўлиб ўламан[174], менинг айтадиганларим шу», деб гапини тугатди. Ҳакам: Танланганлик тўғрисидаги ғояни рад этиш — Инжилнинг буюк таълимотини рад этиш, хусусан, Худонинг қудрати ва хоҳиш–иродасини рад этиш демакдир. Бундан ташқари, бунга шубҳа билан қараш — Худо Ўз ижодини танлаш ҳуқуқини тан олмаслик деганидир. Бу эса Калом ишончни ларзага келтиришга олиб келади, «Одам ҳузур-ҳаловат орқали эмас, ўз ишлари билан нажот топиши мумкин», деган сохта эътиқод пайдо қилади. Бу эса Каломни рад қилиш, руҳни васвасга солишдир, шунинг учун ўлимга лойиқсан. Кейин Худо даъват қилган Шубҳа келди. У айблов хулосасини эшитиб, деди: « Мен ҳеч қачон Худодан даъват бор бўлганига ишонмаганман. Бу тўғрида Каломда ҳам бир нарсалар айтилади, лекин булар ёмон ишларни таъқиқлаш ва эзгу ишларга рағбат билдиришга алоқадор. Шундай қилган одамга абадий ҳузур–ҳаловат ваъда қилинади.» Ҳакам: Шоҳимиз Ўғлининг тан олинган ҳақиқатидан бирини рад этар экансан, сен ҳақиқий иблиссан. У Руҳни даъват қилган, Руҳ Унинг даъватини эшитган, янги ҳаёт, куч, ажойиб ҳузур–ҳаловат олган. Ҳузур–ҳаловат эса руҳга доимо У билан мулоқотда бўлишни, Унга хизмат қилишни, Унинг хоҳиш–иродасини ижро этишни ва Унинг марҳамати билан ҳузур–ҳаловатни кутишни ўргатган. Унинг таълимотидан нафратланганинг учун ўлимга лойиқсан. Ниҳоят, ҳузур–ҳаловатдаги Шубҳа келди. У ҳам ўзини оқлаб деди: «Гарчи мен Шубҳалар мамлакатида туғилган бўлсам ҳам, лекин отам фарзий эди. Атрофдагиларга катта таъсир ўтказар, Руҳ ёлғиз ҳузур–ҳаловат билан нажот топа олмайди, деб ишонтиришга ўргатарди.» Ҳакам: Ахир, Шоҳ Ўғлининг қонунида, иш билан эмас, балки ҳузур–ҳаловат бўйича нажот топасизлар (Рим. 3; Эфес. 2) деб аниқ айтилган. Сен эса тана ишларига таяняпсан, чунки қонун ишлари — тана ишларининг моҳиятидир. Бундай мулоҳазанг билан сен гуноҳкор Руҳга Худонинг шуҳратини топшириш учун, Унинг шуҳратини Ўзидан тортиб оляпсан. Сен Масиҳнинг гавдаланиш зарурлигини рад қиляпсан, Унинг гуноҳларни ювадиган ўлими оқланиш учун етарли эмас, деб ҳисоблаяпсан. Нажот топиш учун тана ишлари кифоя, деб тан оляпсан. Сен Илоҳий Руҳнинг фаолиятидан нафратланяпсан, тананинг иродасини ва қонунийлик руҳини кўкларга кўтаряпсан. Сен иблиссан, иблиснинг ўғлисан, қарашларинг учун сен қатл қилинишинг керак. Шунда солномачи ўрнидан туриб, эълон қилди: — Судланувчилар! Сизлар ҳамманинг олдида Шаҳзодамиз Эммануилга қарши жиноят қилганликда айбландингизлар, шунингдек, Руҳнинг ҳузур-ҳаловати душманлари, деб эътироф этилдингизлар. Мана шу айбларингиз учун қатл этилишга ҳукм қилиндингизлар. Улар хочдаги ўлимга ҳукм қилиндилар ва ҳукм ўша зоҳоти ижро қилинди[175]. XVIII Боб Кўпгина иблис тарафдорлари қамалиб, ҳукм қилинади. — Эммануил Руҳга мурожаат этади. Эммануил нутқида Руҳга Ўз севгисини айтиб, ғаройиб мамлакатга кўчиришга ваъда беради. Эммануил: «Мен қайтиб келгунимча, сен ўзингни мана бундай–мана бундай тутишинг лозим», деб унга кўрсатмалар беради. Лекин яшириниб юрган ҳамма иблислар қўлга олинганини аҳоли билгандан кейингина бутунлай хотиржам бўла оларди. Шунинг учун Эркин Майл бек билан Тиришқоқ бор кучи билан қочоқларни излашга ҳаракат қилдилар. Улар қуйидаги иблисларни қўлга олдилар: Ақлсиз, Эзгуйўқотар, Қуллик Қўрқувси, Севги Душмани, Ишончсиз, Ишратбоз ва Танбал. Яна Ҳалокатли Саволнинг Шубҳа (у энг тўнғичи эди), Қонунчилик, Имонсиз, Масиҳ инкорчиси, Ёлғон Ваъда, Тана Руҳи, Ўзинисевар деган ўғилларини ҳам қамадилар. Уларнинг оналари Умиддан Маҳрум бўлиб, у қария Умидсизга ота томондан қариндош эди. Отасининг исми Зулмат бўлиб, отасининг вафотидан кейин етим қолиб, Ҳалокатли Саволга турмушга берилган эди. Ақлсиз ўз уйида — Ўткир Ақл хиёбонида қамалди. Бошқа ҳаммалари ё ўғрихоналардан, ёки бошқача кийим кийиб олган ҳолатда топилдилар. Уларнинг мол–мулки Мушоҳада деган бир камбағалга берилди. У Художўй деган хотини ва Ахлоқли деган ўғли билан бирга истиқомат қилар эди. Эркин Майл Ёлғон Ваъдани осишга[176], Масиҳ инкорчиси билан Ишратбозни қамашга буюрди. Масиҳ инкорчиси қамоқда заифлашиб қолди ва хасталаниб ўлди, Ишратбоз эса қочиб кетиб, яширинди. Аҳоли қанча ҳаракат қилмасин, уларни тутиб бўлмади. Унинг яшаётган жойини кўрсатганга катта мукофот ваъда қилинди, лекин ҳаммаси беҳуда кетди. Ўзинисевар ҳам, гарчи шаҳарда кўп ҳимоячилари бўлса ҳам, қамалди. У кўпчилик таниқли одамлар билан қариндош эди. Лекин Тиришқоқ қатъий равишда: «Агар ана шу ярамас афв этиладиган бўлса, мен хизматдан кетаман, шаҳарда қолмайман», деди. Уни шаҳарни ҳимоя қилаётганлар қўлидан тортиб олишга буюрди ва аҳолининг норозилигига қарамасдан, осишга буюрди. Лекин Имонсиз ҳаммани алдади. У ўзини таъқиб қилаётганларнинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетаверди. Гарчи кўп аҳоли уни кўрган бўлса ҳам, тутишнинг ҳеч имкони бўлмади. Имонсиз ва бошқа бир неча иблислар фоҳишахоналарда, ҳандақларда яшириниб, Руҳ Олам мамлакатларидан йўқ бўлгунча, шаҳарда истиқомат қилавердилар. Лекин баъзан улар ўз масканларидан ҳам чиқиб қолардилар. Бирортаси, ҳатто болалар ҳам уларни пайқаб қолганларида, дарров шовқин–сурон кўтарардилар, у ўғриларга тош отардилар. Ниҳоят, Руҳ учун тинчлик, хотиржамлик даври ҳам келди. Шаҳзода қалъада яшайверди. Унинг йўлбошчилари ва лашкарлари ўз вазифаларини бажарардилар. Шаҳар чет ўлкалар билан яна савдо алоқаларига кирдилар. Аҳоли Руҳнинг фаровонлиги учун астойдил меҳнат қилишда давом этди. Охир–оқибатда шаҳар хотиржамлигига хавф соладиган барча душманларидан қутулгандан кейин, Шаҳзода оқсоқолларга шундай хабар жўнатди: «Мен тайинлаган куни ҳамма аҳоли бозор майдонига тўплансин, Мен бундан кейин нима қилишлари лозимлиги тўғрисида фармон бераман.» Ҳамма йиғилгандан кейин, Шаҳзода йўлбошчилар ҳамроҳлигида извошда келди. У аҳолига қуйидагича мурожаат қилди: «Эй Руҳ! Менинг суюклигим, юрагимга энг яқин ижодим! Мен сенга инъом қилган ҳуқуқлар нақадар буюк! Мен сени Ўзимнинг бошқа ижодим устидан фазилатингга қараб юқори қўйганим йўқ, балки сенга бўлган чексиз севгим туфайли юқори қўйганман. Гарчи сен Отамнинг ғазабига лойиқ иш қилган бўлсанг ҳам, лекин сени Унинг ғазабидан қутқариб қолдим, Иблиснинг чангалидан тортиб олдим. Менинг Шоҳлигимга киришингга тўсиқ бўлган ҳамма нарсани тамомила йўқ қилиш учун, Мен олтин, кумуш сингари чириб кетадиган нарсалар билан тўлов бермадим, балки ўлмас нарса билан тўладим — сен Меники бўлишинг учун, гуноҳкор ерга қонимни тўкдим. Отам сени Ўз масканига қабул қилсин, деб Мен фақат шу йўл билан сени Отам билан яраштирдим. Сен Отамнинг масканида биронта ҳали кўз кўрмаган, биронта заминдаги қалб сеза олмаган нарсаларни кўрасан. Бундан ташқари, эй Руҳ, ўзинг қаршилик қилишингга қарамай, Мен билан узоқ вақт кураш олиб боришингга қарамай, сени Мен душманларинг қўлидан қутқариб олдим. Чунки сен восвосчига берилиб, у билан қолишни истаган эдинг. Уларнинг истаги — сени ҳалок қилиш эканини тушунмадинг. Мен сенга Ўзимнинг шуҳратимни кўрсатиб, сени уйғотай, деб аввал қонунимни, кейин Хушхабаримни бердим. Лекин сен Менга ҳам, Отамга ҳам қулоқ солмадинг. Лекин Мен сени тарк этмадим, сенинг ҳақоратларингга чидадим. Гарчи ўзингни ўзинг ҳалок қилишга олиб борган бўлсанг ҳам, Мен бунга йўл қўймадим. Мен сени Ўзимнинг кучларим билан ўраб олдим, ўзингнинг кучинг етмасдан, Менга илтижо қилгин, деб сенга кулфат, қайғу юбордим. Сен Менга илтижо қилганингда, ўтмишда қилганларинг, қанчалик жинояткорона бўлмасин, сенинг ҳузур–ҳаловатингга айланиб кетди[177]. Кўряпсанми, эй ижодим, сени қандай самовий кучлар ўраб турибди: йўлбошчилар, қуролланган қўмондонлар ва душманларингдан ҳимоя қилиш учун бошқа лашкарлар. Улар Менинг хизматкорларим, эй қимматли ижодим. Улар энди сеники бўлдилар. Уларнинг вазифаси — сени душманлардан ҳимоя қилиш ва қутқариш, сенга насиҳат қилиш, сени сақлаш, сен Отамнинг ҳузурида ҳозир бўлиб, Унинг марҳамати ва шуҳратига сазовор бўлишинг учун тайёрлаб қўйилган. Чунки сен ҳам шу учун яратилгансан. Менга қарши қилган исёнларингдан кўзимни юмдим, сенга шифо бердим. Менда яна юз ўгирганингда ҳам, сени унутмадим, тарк этмадим. Сени огоҳлантириб, насиҳат қилгани Худо Қўрқувсини юборган Менман. Сени уйғонсин, кўзи очилсин, ҳақиқат билан яшасин, деб Виждонни уйғотдим, Идрокни ёритдим, Иродани ва бошқа олийжаноб туйғуларни мустаҳкам қилдим. Сен Руҳим фаолияти билан Мени излай бошладинг, Мени топганингдан кейин соғлик–омонлик, тинчлик ва нажотга эришдинг. Мен иблисларни шаҳардан иккинчи марта қувдим, уларни қатл қилишга қарор этдим. Чунки ҳар қандай иллат, ёвузлик Отамга ва Менга қилинган нафратдир. Эй севикли ижодим! Мен сенинг ҳузурингга тинчлик билан қайтдим. Сенинг жиноятларингни бошқа ҳеч қачон эсламайман. Сенинг келажагинг ўтмишингдан кўра қувончлидир. Орадан яна бир оз вақт ўтгач, Мен бутун шаҳарни йўқ қиламан. Шаҳарда биронта тош ҳам, ахлат ҳам қолмайди. Мен ҳамма нарсани — деворни ҳам, тошларни ҳам, аҳолини ҳам Отам билан Мен истиқомат қилаётган мамлакатга қайтараман. Мен шаҳарни у ерга кўчириб, Отам истиқомат қилиши учун қайта қураман. Отам сени Оламда яратганда, Унинг мақсади шундай бўлган эди. Бизнинг Шоҳлигимизда сен раҳм–шафқатнинг, бизнинг севгимиз ва шуҳратимизнинг ажойиб ёдгорлиги бўласан. Сен Мен билан, Отам ва Унинг Бош вазири билан доимо мулоқотда бўласан, ҳатто минг йил яшаганингда ҳам бутун Оламда бошингдан кечирмаган роҳат–фароғатни биласан[178]. У ерда қўрқув ҳам, фитна ҳам, ёвуз ниятлар ҳам бўлиши мумкин эмас. Қайғу–ғам, кулфат, хасталик ва муҳтожлик у ерга бегона. Лекин абадий, қувончга, шуҳратга ва шодликка тўла ҳаёт сенинг улушинг бўлади. Бу ерда булар тўғрисида сен ҳатто тасаввурга ҳам эга эмассан. Сен у ерда ўзингга ўхшаб Мен томонимдан танланган, гуноҳлари ювилганларни кўрасан. Улар ҳам кўп қайғу–ғамларни бошларидан кечирганлар ва ҳозир Мен уларни Отамга таништирганман. Отам сендан, сен Ундан хурсанд бўласизлар. Мен сени кўчириб олиб борадиган мамлакатда хазина бор. Отам бу хазинани сенга тайёрлаб қўйган, сен бу хазинани Унинг қўлидан олгунингга қадар, муҳрлаб сақлайди. У ерда истиқомат қилаётганлар сенга нисбатан севги билан тўла, сенинг боришингдан хурсанд бўладилар. Отам уларни сени кутиб олиш учун жўнатади. Улар сени худди суюкли боладай, қўлларида кўтариб борадилар, ўзлари билан имон қанотларида мусаффо овулларга олиб кетадилар. Кўзларинг ҳеч қачон кўрмаган нарсаларни кўради, сен хурсандчиликка, тинчликка эришасан. Мана, азиз ижодим, сени нималар кутаётганини тушунчангга мос равишда баён қилиб бердим. Энди Муқаддас Ёзувда битилгандай, Мен сени олиб кетгани келгунимча Олам мамлакатида қолганингда вазифанг қандай бўлиши лозимлигини сенга айтайин. Биринчидан, Мен берган либосларни шу пайтгача бўлганидан кўра, яна ҳам пок, доғ туширмасдан сақлашингни илтимос қиламан. Бу либослар сенга донишмандлик, шараф бўлиб, Менга эса катта шон–шуҳрат бўлиб хизмат қилади. Либосларинг оппоқ бўлиб турар экан, Олам сени Меники эканингни билади. Мен сенга тасалли бераман, бегоналарнинг эса сенинг нурингдан кўзлари қамашади. Ўзингни Менинг таълимотим билан бенуқсон қилиб безагин, Мен кўрсатган йўлда қадамларингни мустаҳкам қилиш учун Менинг қонунимдан фойдалангин. Чунки Шоҳинг сенинг жамолингдан қувонади, У сенинг Раббингдир, Унга таъзим қил. Агар либосингга доғ текизадиган бўлсанг, ўша зоҳоти Мен кўрсатган тирик сув булоғига бориб ювгин. Асло орқага сурма, либосингдаги доғлар янада кўпайиб кетишига йўл қўйма. Агар орқага сурсанг, Мени бадном қиласан, ўзингга азоб–уқубат орттириб оласан. Оламнинг балчиғи сенинг оқ либосингга тегмасин, бошингга доимо мой суртилсин. Эй Менинг азиз ижодим! Мен сени Иблиснинг чангалидан тез–тез қутқариб олдим, бунинг эвазига сендан бир нарсани илтимос қиламан: яхшилигим эвазига ёмонлик билан жавоб бермагин, сенга бўлган севгимни, яхшилигимни ёдингда тут. Мен Оламда сен учун яшаб, сен учун ўлдим. Мен тирикман, ҳеч қачон ўлмайман, сен ўлмаслигинг учун яшайман. Мен тирик бўлганим учун, сен ҳам яшайсан. Мен сени хочда тўкилган қоним орқали Отам билан яраштирдим, ярашиб, сен ҳам яшайсан. Мен сен учун илтижо қиламан, сен учун душманларинг билан курашаман, Менинг сенга нисбатан роҳат–фароғатимнинг чеки йўқ. Сенга гуноҳдан ташқари, ҳеч нарса зарар бера олмайди. Душманинг олдида гуноҳдан бошқа ҳеч нарса сени ерга ура олмайди. Гуноҳдан сақлан, эй суюкли ижодим![179] Биласанми, нимага Мен ҳанузгача деворларинг ортида яшириниб юрган ҳамма иблисларни йўқ қилмадим? Сени доимо ҳушёр торттириш учун, Менинг қудратимни ва Ўз манфаатларимдан кечганимни қадрлашга сени ўргатиш учун. Шунинг учун зулмат кучлари устингдан ҳукмронлик қилиб, қалъангни эгаллаб олган пайтдаги аянчли аҳволингни унутмаслигинг керак. Биламан, агарда Мен ички душманларингни йўқ қилганимда эди, сен ўша зоҳоти уйқуга кетар эдинг, кўпчилик ташқи душманлар уйқунгда сенга ҳужум қилиб, сени эгаллаб олган бўлар эдилар. Шунинг учун улардан баъзиларини сенга қолдираман. Улар сенга зарар келтиришлари учун эмас, балки сен комил бўлишинг учун қолдираман. Агар сен ҳушёр бўлиб, улар билан курашсанг, ўша зоҳоти комиллигинг воқе бўлади. Билиб қўй, улар сенга қарши ниманидир ўйлаб топмасинлар. Мақсадим — Отам билан Менгина улар билан муваффақиятли жанг олиб боришга сени ўргатиб, ишонтиришдир. Шунинг учун уларнинг мавжудлиги сени Биздан узоқлаштирмайди, аксинча, Бизга тез–тез ёрдамга югуриб келишингга сени мажбур қилади. Сенга бўлган ҳамма эзгуликларим учун ўзингнинг севгингни Менга исбот қил, эй азиз ижодим! Ҳар доим Мен билан — ўзингнинг Дўстинг билан бирга қол. Мен сен учун Отам олдида ва Унинг бутун хонадони олдида воситачилик қиламан. Васвасаларни енгишинг учун Мени севгин, Мен ҳам, заифлигингга қарамай, сени севаман. Ёдингда тут, сен Менинг йўлбошчиларимдан миннатдор бўлишинг керак. Чунки улар сен учун курашиб, сени деб қанчалар машаққатларга дучор бўлдилар. Уларни асра, уларга ғамхўрлик қил. Уларнинг ҳали қуввати бор экан, сенга бемалол хизмат қиладилар. Агар улар касал бўлиб, кучдан қолсалар, сенга ёмон бўлади. Ҳар доим ўз идроким билан ҳамма нарсани қила оламан, деб ўйлама. Менинг Каломимни фаҳмлаб олишга ҳаракат қил, гарчи Каломим сенга тушунарсиз бўлиб туюлса–да, кейинроқ мукаммал тушуниб оласан. Гарчи доимо Мени олдингда кўриб турмасанг ҳам, ишон: Менинг сенга бўлган севгим камаймайди, сени доимо юрагимда сақлайман. Мен сенга ҳушёр бўлишни, ибодат қилишни, душманлар билан курашишни ўргатдим. Энди сенга яна бир нарсани ўргатай: Менинг сенга бўлган севгим ҳеч қачон ўзгармайди. Эй суюкли, гуноҳлари ювилган ижодим! Ҳушёр бўл! Ҳозир кўтариб бораётган оғирликлардан бошқа ҳеч қандай оғирликни сенга юклашни истамайман. Мен келгунимча, қатъиятли бўл!» Изоҳлар 1. Инсонларни чорламади, лекин барибир тўдалашиб борар алданган оломон — Баъзилар шундай тасаввур қиладилар: Буньян давридан Диний Рисолалар Жамияти тузилгунга қадар савдогарлар ва атторлар томонидан бемаъни сафсаталар тарқатилган. Қизиқарли ёлғон ҳикоялар ва ахлоқсиз воқеалар миллионлаб одамларни йўлдан оздириб, иштиёқ билан ўқилган. 2. Fаройиб шаҳарга йўл танлади Иблислар, руҳнинг гуноҳ қўрқувидан бўлдим хурсанд — Буньян ўз асарларидан бирида кечинмаларини шундай тасвирлайди: «Мени иблис асир қилгани ва унинг хоҳиш–иродасига итоат этганим учун лаззатланардим». Бу сатрлар 1752 йили Бурдер таҳририда ғалати тарзда шундай ўзгартирилган: Fаройиб шаҳарга йўл танлади иблислар, Гуноҳга берилиб, мени у хафа қилди. 3. Раҳнамолар сиқуви дарвозани очдирди, умидидан халқ эса маҳрум бўлди — Бошимдан кечираётган даҳшатдан кўкрагимда шундай оғирлик ва оғриқ сезардимки, баъзан юрагим парча–парча бўлиб кетаётгандай туюларди.» («Grace Abounding», 164 – сон) 4. Бунақалар ғаним билан уруш қилмаслар, ҳаётини хавфга қўйиб, қурбон қилмаслар — Ўлим ёки шикаст — ўлмас руҳни йўқотиш билан қиёсланганда, ҳеч нарса. 5. Ҳақ гапни айтдими? Қандай билади инсон?Ҳақиқатни билдими? Қандай билади инсон? — Буньян одамларнинг бундай уйдирмаларга ишонувчанлигига ҳайратланарди. Унинг кўринмас олам тўғисидаги билимлари асосан Библияга таянган эди. У, бунга ўхшаган нарса асло мавжуд эмас, деб айтмайди, балки бунақа турдаги ҳодисаларнинг мавжудлигини исботлаш мумкин эмас. 6. Калитни ҳам унутма, деразада турибди, худо марҳамат қилсин, хайр, йўлга туш — Буньян дафтар ҳошияларида матнга калит сифатида ишоралар қолдирган эди. Масалан, «Сайёҳ зиёратчининг сафари»да шундай ишора қолдирган: «Мен бу оламнинг ёввойи саҳросида саёҳат қилиб юрганимда, бир жойга қоқилиб кетдим, бу жой ўғрихона экан.» Бу ишора шундан далолат берадики, мазкур мисралар қамоқда ёзилган. 7. Раббий: «Бошқа ишларни қилишинг керак, ортингга қайт», деб хабар жўнатмаганда эди — Масиҳийча софдиллик билан бу ўринда тарихнинг муҳим қисми кўрсатилган. Оламга саёҳат қилган муаллиф унинг одатларига мафтун бўлиб, гуноҳга ботиши мумкин эди, лекин Худо уни нажотга даъват қилди. 8. Шаҳар икки олам ўртасида туради — Инсоннинг икки олам — заминий ва самовий олам ўртасида турган ҳолати назарда тутилади. 9. Шадай — ибронийча Қодир Худонинг исми. 10. Иблис — грекча сўздан олинган бўлиб, ибронийча «қотил», «туҳматчи», «восвосчи» деганидир. 11. Бу баҳайбат махлуқ қора танлиларнинг қироли эди — Булар қулликка сотилган бахтиқаро Африка халқига ишора, деган тасаввур асло бўлмаслиги керак, «Қора танлилар» —гуноҳкорлар, тубан кетган фаришталар. 12. Ярамаслар йиғилишиб, ҳужум бошладилар — «Осмонда жанг бўлди. Микоил ва унинг фаришталари аждаҳога қарши уришдилар. Аждаҳо ҳам ўзининг фаришталари билан урушга тушди. Аммо аждаҳо ғолиб келмади. Осмонда уларга бошқа жой қолмади.» (Ваҳий 12:7,8) 13. Ҳамма нарсани ва ҳар доим кўриб турадиган кўзлари бўлгани учун — Муаллиф Худонинг ҳамма ерда кўриб турувчи ва ҳамма жойда ҳозиру нозирлигини шунда тасвирлайди. Худонинг бу икки сифатига учинчи сифатини — қудратини ҳам қўшади. 14. Шоҳ бу шаҳарни Ўз кўнглини чоғ қилиш учун яратганини Иблис лар билар — Шундай фикр бор: инсон яратилгандан кейин, фаришталар тубан кетганлар. Чунки Айюб шундай дейди: «Худо болалари шодликдан ҳайқирганларида, тонгги юлдузлар қувонч билан тантана қилишлари билан оламнинг асоси ташкил топган эди.» (Айюб 38:7) Лекин фаришталар тушган ҳолатларида ўзларининг юқори мавқеини ва шуҳратини йўқотдилар. 15. Руҳнинг розилигисиз ҳеч ким унга кира олмайди — Бу Мильтоннинг фикрларига мос келади. У: «Руҳ тубан кетгунга қадар у бутунлай эркин хоҳишга эга эди», деб ҳисоблайди. Худо сени мукаммал қилиб яратди, Атрофингдаги оламни жуда яхши яратди. Қароринг албатта эркин бўлсин, деб У сенга хоҳишингга эркинлик берди. (Мильтон, «Йўқотилган жаннат», В, v) 16. Шафқатсиз Алектонинг фикри шунақа эди — Дўзах кенгашидаги ҳамма исмлар яхши танланган. Алекто — заҳарли илонлардан бирининг мажусийча исми, унинг боши илонлар билан қопланган бўлиб, қасос олиш билан тўла эди (табиийки, Буньяннинг қарашича, Алектонинг бошидаги ҳар бир соч толаси тирик илонни гавдалантирар, у аёл жинсига эмас, балки эркак жинсига мансуб эди.) Аполлион «вайрон келтирувчи» деган маънони англатади. Болзабул — жинлар беги, Люцифер — тонг юлдузи, тубан кетган фаришта, Тисифон — бошқа бир заҳарли илон. 17. Легион — Қадимги Римда: йирик лашкар бирлиги. Кўчма маънода — сон–саноқсиз нарса (қаранг: Марк 5:9). 18. Баҳайбат Иблис… шаҳардаги бошқалардан кўра, ундан кўпроқ қўрқар эдилар — Илк гуноҳга қаршилик кўрсатиш жуда ҳам муҳим: Қашшоқ каби мис чақага очкўзлик қилар, Олтин сўрар, мудом чақа берасан, Шу тариқа гуноҳ сени эгаллаб олар, Бутун руҳи билан сени жалб қилгунга қадар. Эй дўстим! Биринчи бор гуноҳ қилмагин (Буньян, «Caution») 19. Ҳалокатли Мужмал — Иблиснинг нотиғи васвасага солинган руҳларнинг ҳалокатли иккиланишини ўзида гавдалантиради. 20. Бир сўз билан айтганда, у тўсатдан жон берди — Шу лаҳзаларда бошдан ўтаётган васвасалар нафаси илк нуқсонсизликни бузади. Руҳий маънода одам ўлади, биттасининг жинояти билан «бутун инсоният ҳукм қилинади». (Рим. 5:18) 21. Олийжаноб Шоҳ Шадайни, унинг қонунини, «Менинг хоҳишимга итоат этмасангизлар, ҳукм қилинасизлар», деб айтган гапларини унутдилар — Идроксиз қўллар билан у лаҳзада мева узиб олинди, Ўша лаҳзада замин ярадор бўлди, Жаннатнинг йўқотган нарсаси абадий бўлди. (Мильтон, «Йўқотилган жаннат», B. ix) 22. шаҳар марказига қараб йўл олди — Юрак назарда тутилади. Ёвузлик руҳи инсон юрагига кириб, у ерда ҳукмронлик қилишни мақсад қилмагунча, ўз ғалабасига ишонмайди. 23. Энди у жойга Иблис ўрнашиб олди — Унинг эзгу ҳаваси, Роҳатли маскани Самовий шафқат остида. Шафқатсиз дўзах учун Энди маскандир у. (Свейн) 24. шаҳар ҳокими Идрокни вазифасидан четлатиш керак — Идрок — руҳларнинг йўлбошчиси. Гуноҳ уни заифлаштириб, гангитади ва ниҳоят, зулматга қамаб қўяди. 25. Руҳ қариянинг устидан кулиб, унинг насиҳатларидан нафратланадиган бўлди — Бу Иблиснинг эски ҳийласи. У «Сайёҳ зиёратчининг сафари»да бечора Масиҳийнинг руҳий тинчлиги бузилган пайтда, у билан ҳам шундай қилган эди: «Улар жойлашиб олганларининг исботи сифатида, масиҳийларнинг гапларини издан чиқариб юборди». 26. солномачи тирик қолди, унга ҳеч қандай зарар етмади — Виждон — қалб хотираси, инсоннинг руҳий хотираси, руҳнинг солномачиси. Виждон ёлғон гапиришга мажбур қилиши мумкин эмас. Фақат вақтинча унинг овозига қулоқ солишни бас қилиши ёки гуноҳ билан уни бўғиб туриши мумкин. 27. Шаҳарга ҳоким бўлиш умидида айёр хушомадгўйнинг маслаҳатларини биринчилардан бўлиб қабул қилди — Ирода қулнинг қисматидан нафратланади, лекин бундан баттар қулликка — иблис ва гуноҳ қуллигига тушиб қолиши мумкин. Агар Масиҳ уни озод қилиб, гуноҳини ювмаса, одам ҳалок бўлиши мумкин. 28. олдинги қонунлар ёзилган йиртиқ, кир бўлиб кетган қоғоз боғламлари бор эди — Қайта туғилмаган гуноҳкор учун Муқаддас Китоб тушунарсиз тилда ёзилган, «йиртиқ, кир бўлиб кетган қоғоз боғламлари»га ўхшайди. Одам бу қоғоз боғламларини итқитиб юборади. 29. …шаҳарни равсо қилишга киришди — Иблис инсон руҳида эркин ҳукмронлик қилиши учун, у аввало Худони эслатадиган ҳамма нарсани йўқ қилиши керак. 30. …унинг на кўзи, на қулоғи бор эди — яъни у на идрокнинг овозига, на хавф–хатарга эътибор берди, аксинча, ўзининг ҳамма истакларига эрк берди. 31. Ҳамма икир–чикиригача Унга маълум эди — «Буларни қадимдан маълум этган Худо буюриб келмоқда.» (Ҳаворий. 15:18). «Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? Аммо Отангиз рози бўлмасдан, уларнинг биттаси ҳам ерга тушмайди. Сизларга келганда, бошингиздаги сочларнинг ҳаммаси ҳам саналгандир.» (Матто 10:29, 30) 32. Руҳнинг ачинарли ҳолати — «Сизлар « биз ўлим билан иттифоқ тузиб, дўзах билан шартнома туздик» деб айтяпсизлар.» 33. Шоҳ Ўзининг Бош Вазирига… топшириқ берди — Бош вазир ёки Буюк Устоз — Муқаддас Руҳ, Худодаги учинчи шахс. 34. Бу хабар шаҳар аҳлининг қулоғига етиб боришига имкон қадар ҳалақит бериш — Дўзахнинг манфаатлари учун одамни Хушхабарга нисбатан гумроҳликда ушлаб туриш. 35. Бутун аҳоли ҳеч иккиланмасдан, ҳатто мамнуният билан эшитганлари тўғрисида қасамёд қилди — Улар қандай лаззат топарлар Ақлга келмайдиган шармандалиги ила Ҳаяжонли кунларни унутар. Гуноҳга нафрат билан қараганда, Худога бутунлай итоат этар, Уларни Худо манна билан боқди. Энди–чи, нафрат этар Унинг қонунидан, Худо берган Самовий нондан. Ана, адашганлар ўтирар Заминий таом тўла қозон олдида. Самога маюс қарашар Нон сўраб, гадой сингари. Разил шаҳватпарастлиги ила Худо Шоҳлигини инкор этдилар. Дўзах беги ушлаб турар уларни Иблис қуллиги занжирларида. (Янг) 36. ярамас бир эълон ёзишни буюрди — Мурдор атеистик памфлетларга ва бошқа бемаъни ижод намуналарига ишора. Бундай бузуқ назрларнинг мўл–кўллиги мамлакат ахлоқий аҳволининг аъло даражадаги мезонини ўзида намоён этади. 37. Одам қанчалик кўп гуноҳкор бўлса, нажот топишга умид шунчалик кам бўлади — Йўқ, бундай эмас, дейди Муқаддас китоб. «Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди, деган сўз тўғри ва ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. Мана, ўша гуноҳкорларнинг биринчиси менман.» (1 Тим. 1:15) 38. …мен уларни вақтида бу воқеадан Хабардор қилсам — Сўзма–сўз таржимаси — «Агар бу хабаримни биринчи бўлиб мен етказсам.» Инглизча матнда сўз ўйини бор: «Хабар, миш–миш, ахборот» маъносини англатувчи bruit сўзи инглизча brute (қўпол ҳайвоний кўникмалар) сўзи билан оҳангдош. 39. …шаҳарни вайрон қилиб, ҳаммани йўқ қилмоқчи экан — Бу энг машҳур алдовлардан бири, бу алдов билан Иблис ва унинг думлари гуноҳкорни кишанда ушлаб турар экан, унга шундай уқтиради: «Масиҳ нажот бергани эмас, балки вайрон қилгани келди, ҳақиқий дин — зиқлик, қайғу, таъқибдир.» Бу бутун масиҳийлик тажрибасига ва ҳақиқатига зиддир. 40. У сизларга ҳозиргидай эркинлик бериб қўядими? — Фақат имонлига эркинлик нималиги маълум. Масиҳга хизмат қилиш — мукаммал эркинликдир, Унинг йўли — ҳузур–ҳаловат ва тинчликдир. 41. Бу — синалган қурол — Сувда имон келтирган кўпчилик имонсизлардай, беҳуда умидлар билан ҳалок бўладилар. Улар «Тавба қилмаган, қайта туғилмаган гуноҳкорлар учун Худонинг шафқати йўқолади», деб ўйлайдилар. «Барчага меҳрибон Худо — адолатсиз Худодир», деб унутиб қўядилар. 42. Ҳаммамиз ажойиб ҳузур–ҳаловатда яшаймиз — Иблислар эркинлик ва лаззат ваъда қилиб, оламни алдайди. Бундай пайтда унинг асосий мақсади —қуллик ва вайронагарчиликдир. У фақат кейин сотиш ва ҳалок қилиш учун хушомад қилади. 43. Лашкар 40.000 жасур жангчидан иборат эди — Чамаси, 40.000 сони Ёшуа Навин китобидан олинган. Бу китобда эсланишича, шунча миқдордаги мард эркаклар «Урушга тайёр қирқ мингга яқин киши… бутун умри давомида Ёшуани Мусони ҳурмат қилгандек ҳурмат қилдилар.» (Ёшуа 4:13,14) Ҳошияларда эса «Худонинг каломи» деган қайдлар бор. Библиядаг 810.697 сўз бор. 40.000 сони »оламнинг гуноҳини, ҳақиқатини ва ҳукмини» очиб кўрсатишга мўлжалланган миқдорга алоқадор. 44. Тўртала жасур йўлбошчи — Шадайнинг йўлбошчилари Калом ва Худонинг хоҳиш–иродаси воситачилари, Яҳвенинг пайғамбарлар ва ҳаворийлар орқали Ўз халқини тавба қилишга ишонтиришга уринишини гавдалантиради. Воанаргес (яъни момақалдироқ ўғли, грекча. Марк 3:17 га қаранг) — жонланиш учун қудратли хизматкор; Маслак — қонунни талаб қиладиган даҳшатли зоҳирий куч; Ҳукм — қиёмат кунини қўрқиб кутиш; Қатл — тавба қилмаган гуноҳкорларни йўқ қилиш. 45. Сафарнинг ҳамма харажатлари Шоҳ ҳисобидан эди — Бу ўринда Буньян шу нарсага ишора қилади: Худонинг узумзорида меҳнат қилаётган сайёҳ ёки миссионер уйидан узоқда экан, Шоҳнинг ҳисобидан таъминланиши керак. 46. Бир неча кун йўл босганларидан кейин — Худодан узоқлашган одамнинг масофаси «Жамоатлар ўгитлари»нинг «Туғилиш» бўлимида яхши тасвирлаб берилган: «Илгари суюкли бўлган, ҳозир эса нафратга сабаб бўлди, илгари ажойиб, қимматли бўлган, ҳозир эса разил, бахтиқаро. Ҳозир у Худонинг тимсоли ўрнига иблиснинг тимсоли ҳисобланади. Илгари само аҳлига мансуб эди, энди кишанланган дўзах қули. Илгариги софлиги учун заррача тавба қилмайдиган, балки ҳаддан ташқари булғанган, шаҳватга берилган. Ўзида гуноҳлар уюмидан бошқа ҳеч нарсани гавдалантирмайди, у абадий ўлимга ҳукм қилинган». 47. Карнайчи, худди Воанаргес буюрганидай, дарвоза олдига келиб карнай чалди — Бу ўринда Калом орқали Худо билан одам руҳи муносабати тавсифи берилган. Аввало, Худо Ўз Каломини инсоннинг эркин иродасига қаратади, чунки Унинг хоҳишисиз инсоннинг юрагига ҳеч нарса, ҳатто эшитиш орқали ҳам етиб бормайди. Лекин хоҳиш–ирода иблисга итоат этиб, уни ўзининг бошлиғи деб эътироф этди. Одам эса иродани юракнинг, тана ва ҳиссиётнинг бошлиғи қилди. Худо Ўз хизматкорларига «Карнай чалинглар!» деб, яъни Хушхабарни эълон қилинглар, деб амр берди ва айни пайтда қабул қилинишини, яъни эътиборни талаб қилади. 48. Вонаргес шаҳар бошлиғини сўради — Калом воизи биринчи навбатда инсоннинг асосий руҳий кучларидан бири сифатида идрокка мурожаат этади. 49. Сўнгра йўлбошчи Маслак олдинга чиқди — Маслак гуноҳни ҳукм қиладиган қонунни кўрсатади ва инсоннинг руҳий яраларини очади. 50. Балки у ёлғончи, улар фақат ўзларининг фойдасини кўзлаяптилар, деб сени ишонтириши мумкин — Афсуски, дунёвий одамлар «жамоатнинг кўп хизматчилари ўлмас руҳда севги ўрнига ўзларининг фойдасини кўзлайдилар», деган сон–саноқсиз далилларни келтирадилар. 51. Ундан кейин… Ҳукм пайдо бўлди — Ҳукм ҳақоратланган Яратувчининг даҳшатли равишда қонли қасос олишини билдиради, қиёмат куни тўғрисида эслатади, ҳукмни ижро этиш билан таҳдид қилади. 52. Ниҳоят, тўртинчи йўлбошчи — Қатл сўз олди: — Охирги ва даҳшатли элчи. У, юз буришларингиз учун берилган вақт оз қолди, деб айтади. 53. Сен анча вақт бекордан–бекорга ерга оғирлик солдинг — «Уни кесиб ташла. Нега у ерни банд қилиб турибди?» (Лука 13:7) «Самарасиз хизматкор — нафақат Худога қарши чиқиш, балки оламга тўсиқ ва жамоат учун шармандаликдир, айни пайтда ўзининг руҳи учун ҳам тузоқдир.» (Буньян , «Barren Fig Tree») 54. Шаҳар бошлиғи гапини шундай бошлади — Умидсиз инсон Худонинг меҳрибонлик билан қилган даъватига жавоб беради. У Худонинг Каломи устидан, Унинг элчилари устидан, бизнинг хатти–ҳаракатларимиз устидан Худонинг аралашувидан кулади. Охири, Овоза дарвозасидан узоқлашади, яъни Хушхабарни бошқа эшитишни истамайди. 55. Эзгуликни унутган — Худонинг бизга бўлган шафқатини ва севгисини унутади. Бизнинг виждонимиз ана шундай унутиш билан алмашганда, қалбимизни ҳеч нарса тебрантирмайди, қалбимиз ўлик, шунинг учун хотиржам. 56. Нотўғри Тушунча — нотўғри тушунча овозга ғов солади Нотўғри тушунча одамни кар, Худонинг ҳамма даъватларига бефарқ қилиб қўяди. 57. Сизлар юқоридан туғилган бўлишингиз керак — Агар Раббий Никодим билан гапни шундан бошлаган бўлса, Унинг шогирдлари гуноҳкорлар билан гапни шундан бошлашлари керак. 58. Шоҳнинг йўлбошчилари…учта ёш йигитни учратиб қолдилар — Бу жанг лавҳаси учта асосий заминий кучларнинг аллегорик тасвирини ифодалайди Улар шароитга қараб, Худога ҳам, шайтонга ҳам хизмат қилишлари мумкин. 59. Бепарво — бу қўмондон ҳозир ҳам тирик ва кўпчиликни хизматга қабул қиляпти. 60. Гарчи Руҳ ўзини энг паст табақага мансуб деб ҳисоблашига тўғри келган бўлса ҳам — «Ҳозирги пайтда мен ўзим учун даҳшат ва ҳаётдан тўйган оғирликман, лекин ўлимдан қўрқаман. Мен жоним билан ҳамма нарса бўлишга тайёр эдим, фақат инсон бўлишга эмас». «Мен итларнинг ва қурбақаларнинг аҳволини ўзимникидан анча юқори деб ҳисоблардим». (Беньян, «Grace Abounding» 104, 109–сонлар). 61. …фуқаролар номидан Шоҳ Шадайнинг йўлбошчиларига, сизларга итоат этишдан бош тортамиз, деб берган жавоби шаҳарда ғалаён келтириб чиқарди — Бу лавҳа гуноҳ уйқусидан мудрай бошлаган руҳни ўзида ифодалайди. 62. Исён босилгандан кейин — Ҳар қандай тўқнашувларнинг охири бор, ҳар қандай бўрон ҳам тинади, шу сингари, руҳий безовталиклар ҳам ўтиб кетади. Иблислар идрокни ва виждонни шол қилиш учун шу имкониятдан фойдаланади. Бу кучлар тирик экан, улар руҳнинг ҳокимияти учун хавфли ва инсон гуноҳ билан хотиржам яшай олмайди. Улар ҳамиша идрокнинг ва виждоннинг ўгитларига эътибор беради. 63. Иблисҳатто «Уларни тамомила йўқ қилиш керак», деб ўйларди — маърифатли идрокнинг ва янгиланган виждоннинг куч–ғайрати иблислар учун ҳақоратлидир. Агар иблиснинг кучи етганда эди, йўқ қилган бўларди, лекин эзгу ишлар бошланган жойда бунинг имкони йўқ. 64. Агар биз қўполлик қилиб, уларни ўзимиздан нари итарсак, бошқалардаги итоат этиш истагини тортиб олган бўламиз — Хизматкорлар энди уйғонган гуноҳкорларга мулойим муносабатда бўлишлари керак. Уларнинг улуғ Хўжайини «ёрилган қамишни ёрмайди». Улар ҳам шундай қилишлари лозим. Қўполлик эсанкиратиб қўяди, юмшоқлик жалб қилади. 65. Бутун оламда улардан кўра бахтсизроқ, улардан кўра хўрланган бирон кимса йўқ — Ёлғон отасининг бу эски ғийбатига камбағал бола — карнайчи ажойиб жавоб берди. У иш пайтида шундай куйлади: Ўтиб кетди изсиз ғам, Қувониб мен куйлайман. Ким айтди: «Ҳеч қачон Масиҳ билан бахтли бўлмайди», деб?! 66. Шоҳ Шадайга қуйидагича кечирим сўраб хабар жўнатилди — бу ибодатни билдиради. 67. Иблис, Умидсиз ва Эркин Майл исённинг бошида турганлардир — Епископ Уилкинс «Ибодатнинг инъомлари» китобида инсониятнинг ахлоқсизлиги ва Худодан юз ўгириши қабиҳ манзарасини тасвирлайди. «Истакларимизда, меҳрибонлигимизда, гапларимизда, кўзларимизда қанчалар ёвузлик бор!» дейди у. «Бу ёвузликлар кичик ирмоқчалар, фаввора ёки бора–бора денгиз бўлиб қуйилади, бизнинг бузилган табиатимиз шудир». 68. Инсонпарвар — ибодат руҳи, инсоннинг гуноҳли руҳига бўлган севги. Севги қанотларида Худога қилган ибодатларимиз олиб кетилади ва Худонинг Ўғли ибодатларимизни қабул қилади. У биз учун Ота олдида воситачилик қилади. 69. …етарли миқдорда девортешар қуроллар ва тошлар — инглизча матнда 44 та девортешар қурол ва 12 та палахмон тўғрисида сўз юритилади. Тадқиқотчиларнинг айтишларича, бу сон Библиянинг олтмиш олти китобини билдиради. Мазкур абзац тўлиғича 1684 йилги иккинчи нашрида тушириб қолдирилган. Кейинги нашрларида эса тикланган. Эдинбургда чоп этилган нашрлардан бирида бу рақам «эллик тўрттагача» деб ўзгартирилган. Бу ўзгариш ҳозирги нашрларнинг ҳаммасида бор. Эҳтимол, Буньян кўрсатган рақам қайта териш пайтида хато қилинган бўлса керак: 22 ўрнига 12 деб ўзгартирилган. Ана шунда Эски Аҳднинг 39 китоби билан тўртта Хушхабар ва Ҳаворийларнинг фаолияти — 44 та девортешар қурол, 22 та палахмон — Мактублар ва Ваҳийдир. 70. Шундай қилиб, Шоҳ Ўғли шаҳарни ўраб олгач — Масиҳ гуноҳкор руҳни қутқаришни мақсад қилганда, У гуноҳкор руҳни ҳамма томондан ўраб олади, Ўзидан қочиб кетиши учун имконият қолдирмайди. 71. Мен нажот берадиган Ҳукмронман, сени ўша восвосчининг қўлидан қутқараман — Бу ўринда Эммануил иблиснинг чинакам феъл–атворини — ёлғончилигини, муттаҳамлигини, шаккоклигини, золимлигини, Худонинг ва инсоннинг ашаддий душмани эканини очиб ташлайди. 72. Сиз бу таклифни қабул қиласизми? — Совуқ, ҳаётийликдан маҳрум, шон–шуҳрат умидида Масиҳсиз тавба–тазарру — масиҳийлик эмас. Бундай масиҳий имонсизнинг ўзгинаси. Биз икки хўжайинга — Худога ҳамда бойликка хизмат қилолмаймиз. Ҳаётимизнинг ва ибодатимизнинг бутун қиммати Масиҳдадир, барча зарур дуоларнинг манбаи Ундадир. 73. улар қаердадир ёнма–ён туриб, ўзаро иш тўғрисида гаплашиб олар эдилар — Инсоннинг такаббур юраги Масиҳ талаб қиладиган ҳақиқатга мутлақ итоат этишга қаршилик қилади. Бундай одам Масиҳни амалда эмас, фақат сўзда Раббий деб эътироф этади. Агар бу одамга вақти–вақти билан гуноҳ қилишига йўл қўйиб берилганда эди, у Масиҳга хизмат қилган бўларди. Лекин « деярли масиҳий» бўлиш ўша ишларни асло қилмасликни билдиради. Бунинг муҳимлигини кўрсатиш учун, муаллиф бир неча марта ҳошияга «Бунга эътибор беринг» деб ёзиб қўйган. 74. Айтишларича, оёғидан яраланган экан, шунинг учун оқсар эди — Иродани руҳнинг оёғи деб айтиш мумкин. Чунки унинг ёрдами билан руҳ, қолаверса, инсон у ёқдан–бу ёққа ўзини уради, ҳаракатдан тўхтаб қолади. Эркин Майл бек иблисга фаол хизмат қилар экан, у «оёғидан яраланган» эди. 75. Лекин икки–уч марта қаттиқ ҳужумдан кейин, Овоза дарвозаси сурилди — Худо Руҳи ичимизда Худонинг Каломини ваъз қилиш орқали душманга қарши узоқ вақт курашгандан кейин, биз ниҳоят, Худонинг Каломини эшитиб, тинглай бошлаймиз. 76. Эммануил кечирим сўраб ёзилган мактубни олди–ю… мактубга жавоб бермай қўя қолди — Одам ибодат қилади…лекин жавоб олмайди. Масиҳ узоқ вақт афвни таклиф қилди, лекин афв рад этилди. Иблис юракда экан, Масиҳга қилинган ибодат — қуруқ гапдир. 77. …хаёлга ботиб, гоҳ қўрқувни унутиб, умид ҳам қиларди — Беньян етти–саккиз ҳафта ана шундай хаста ҳолатда бўлган эди: «Гоҳ тинч бўламан, гоҳ бир кунда йигирма марта ўзимни йўқотиб қўяман. Ҳозир хотиржам бўлиб турсам, бир оздан кейин яна кўнгилсизлик. Ҳозир хотиржамман, лекин қўрқув ва айбдорлик ҳиссига тўлишим биланоқ, юрагим бардош бера олмай, бир чақирим нарига кетишга улгурмайман.» (Grace Abounding», 205–сон.) 78. …само аҳли — Булар Масиҳда нажот топган гуноҳкорлар учун қувонадиган фаришталар. 79. …йўлбошчилар атрофдагиларни қўрқув ва ларзага солиб, ҳеч оғишмай ўз вазифаларини бажарардилар — Руҳнинг хавотирли ҳолати тасвири; Одам Масиҳнинг сабот билан қилган насиҳатларига қулоқ солмаганда, шу аҳволга тушади ва энди ўз тақдирининг ҳал бўлишини қўрқув билан кутишга ҳукм этилган. 80. …улар…афв сўраб мактуб ёзиб, Умрпарвар деган орқали Эммануилга етказишга қарор қилдилар — Одам ибодат қилади. Лекин унинг ибодати фақат яшаш истаги билан, холос. Шунинг учун ибодати жавобсиз қолаверади. 81. Бу мактубни Уйғонишсевар деган ҳамюртлари орқали юбормоқчи бўлдилар — Бу ибодат ўз даражасига кўра юқори. Руҳ, энди уйқудан уйғониб, зулматдан чиқадиган пайтим келди, деб англайди. 82. …шаҳар аҳли эртасига эрталабгача умидсиз аҳволда тонг оттирдилар — Имон келтирмаган одам ҳеч нарсани — бундай фикрлар қанчалик тезлик билан ишонган гуноҳкорнинг калласига келишини, ачинарли бетайинликнинг аҳволи ақлсизлик ва мажруҳлик эканини тасаввур ҳам қилолмайди. Бундай ҳис–туйғулар тўғрисидаги хотира 41–санога калитдир: «Сенинг шаршаранг овозлари ила гирдоб гирдобни чорламоқда. Сенинг барча сув тўлқинларинг устимдан ўтиб кетмоқда». 83. Шаҳарда Олийжаноб Иш деган қария яшарди — Руҳ, афв этгин, деб ибодат қилади.Шубҳасиз, ўз айбини тан олади. Ҳатто унинг энг аъло ишлари ҳам гуноҳга булғанган, шунинг учун Худонинг назарида қиммати йўқ. Агар Руҳ яхши ишларига ишонса, сўрагани бажо бўлишини кутиши мумкин эмас. Агар яхши ишлар билан нажотга эришиб бўлса, Масиҳнинг ўлимига зарурат йўқ. 84. Сенинг раҳм–шафқатингни дуо қилишимизга имкон бер — …нажот яқинлашмоқда. Бевериж шундай дейди: «Тавба қилиш учун кўз ёшлари билан ювиниш зарур. Лекин кўз ёшлари билан ювинганларнинг ҳаммаси Нажоткорнинг қони билан ювинишга эҳтиёж сезади». 85. Икковининг ўртасида бўйниларига арқон билан асирлар борарди — Бўйиндаги арқон ўзини ўзи ҳукм қилишни ва гуноҳини англашни билдиради. 86. Улар яқинлашиб, яна Унинг оёқлари остига ўзларини ташладилар, титраб, уятдан қўллари билан юзларини беркитиб олдилар — Бу шармандалик имон келтиришга олиб боради. Шахсан ночорлигини ва Масиҳнинг муқаддаслигини ҳис қилиш руҳни тавба қилишга мажбур этади. 87. Унинг марҳамати шунчалик буюк, шунчалик кутилмаган бўлдики, асирлар довдираб қолдилар — «Менда Худонинг шафқатини қабул қилишда шундай ғалати тасаввур бор эдики, мен зўрға бардош берардим. Руҳ мени қўзғата олишини ўйлаганимда, шунчалик чексиз ҳайратланардимки, агар бу ҳис–туйғу менда узоқ вақт ўрнашиб қолганда эди, мен ишга лаёқатсиз қилиб қўярди, деб ўйлайман.» («Grace Abounding», 252-сон) 88. Уларнинг одимлари озод ва эркин бўлди — Бу сўзларнинг маъносини яхшироқ тушуниш учун Забур 17:37 га ва «Сулаймоннинг ҳикматлари» 4:12га қараш керак. 89. Шоҳ Шадай билан Унинг Ўғли Эммануилгина шундай қилиши мумкин — Одам янада лойиқ бўлишга мойиллик билдиришини намоён қилади. Лекин Худо душманларга, исёнчиларга, бечораларга шафқатини намоён қилиб, У такаббурликнинг ва ўзича солиҳ бўлишнинг ифлос эски–туски кийимларини юлиб олади, уларнинг гуноҳини хочда тўкилган қон билан ювади, нажотнинг энг яхши либосларини уларга кийдиради. 90. Бу жой Сеникидир, Сенинг лашкарингникидир, Сенинг қурол–аслаҳанг учундир — Руҳ озод бўлиб, яна Худоники бўлади. Лекин у мустаҳкам қилиниб, қуроллантирилиши керак. 91. Фақат Сен Ўз иштирокинг билан бизни гуноҳдан сақлайсан, Ўзингнинг садоқатли хизматкорларинг бўлишга бизни ўргатасан — Шу ўринда қўлёзма ҳошияларида шундай ёзув бор: «Эй Руҳ! Гапир, шунга амал қил! Ҳақиқатан, бутун ҳаёти давомида буни ёдида тутган бахтлидир». 92. Эммануил уларни шундай ғаройиб таом билан меҳмон қилдики — Руҳнинг руҳий озиғи Худонинг Каломи бўлиб, У куч ва ҳаёт бахш этади. 93. Эммануил меҳмонларини…қизиқарли топишмоқлар билан кўнглини олди — Муқаддас Руҳнинг рамзий руҳи ва мазмуни назарда тутилади. Масиҳ — Библиядаги рамзийликни тушунишга калитдир. Буньян ҳам тақводор давраларда руҳий топишмоқлар айтишни яхши кўрган. Бу — вақтни фойдали ўтказиш учун жуда фойдали бўлган бўлиши керак. Муқаддас Китобнинг китобларида Бордир қийин жойлари ҳам. Ҳаётбахш булоқ топар Уни тушунган. Ёнғоқ каби сирларини очади, Библия баъзида сирларни ўзига олади, Ёнғоқни чаққандай мағзини топасан, Тиришиб топишмоқ сирин очасан. 94. Эммануилнинг Ўзи кашф қилган бир қурол ҳам бор эди — Муаллиф бу қуролнинг номини айтмайди. Эҳтимол, ибодат назарда тутилган бўлса керак. Агар ибодат юракдан чиқса, у ишончли ва енгилмас қуролдир. Балки бу ўринда динни оғзаки эътироф этиш англашилаётган бўлиши мумкин: «Оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, нажот топиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир.» (Рим. 10:10) 95. Шаҳзода Иблисўрнатган учала қалъани ҳам пойдеворигача бузишни буюрди — Бу лавҳа гуноҳ ҳақидаги иблиснинг ҳукмронлиги тўғрисидаги ва қадимги одамнинг айнигани тўғрисидаги ҳар қандай хотирани йўқотишнинг рамзидир. 96. Атеизм — Муаллиф бу образда шаккокликни жонлантиришни кўзда тутмайди, балки инсонларнинг Худога ва Унга хизмат қилишига оид ҳамма нарсаларга нисбатан онгли равишда бепарволигини кўрсатади. 97. Шаҳватпараст — Руҳнинг қонунлари билан душманлашган танамиз қонунларидир. Бу иллат бизда узоқ вақт, ҳатто юрак янги бўлгандан кейин ҳам қолади. Шунинг учун таг–тугидан қўпориб ташланиши керак. Акс ҳолда бора–бора руҳ устидан хўжайин бўлиб қолади. 98. Ишончсиз — Ишончсиз руҳ одамга: «Ақлнинг кенглиги ва ривожланганининг белгиси — Худонинг борлигини инкор қилишдир», деб уқтиришга ҳаракат қилади. 99. Тошюрак — Тош юрак виждоннинг таъналарини ҳис қилишга қодир эмас. Ҳеч қандай олийжаноб туйғулар унинг темир қатламини тешиб ўтолмайди. Юрагимиз тош бўла боргани сари, иблис билан бирлашишга шунчалик яқинлашамиз. 100. Ёлғон Дунё — Бу —бизнинг юрагимизга »тинчлик, тинчлик» деб шивирлайдиган сирли овоздир. Ҳушёр туришимиз зарур бўлганда, у бизни ухлатиб қўяди. 101. Ҳақиқат Изловчи ва Ҳақиқатни Тасдиқловчи — Фақат улар ёлғон дунёнинг маккорлиги ва ёвузлигини топа оладилар ва одамга Худонинг борлигини аниқ кўрсата оладилар. 102. Ҳақиқат Душмани — Руҳ гуноҳ ва иблиснинг ҳукмронлиги остида бўлганда, Яратган тўғрисидаги ҳар қандай тасаввурларни бузиб кўрсатади 103. Шафқатсиз — Ҳавойиликка мойиллигимизни гавдалантиради. Худо руҳи бизга уқтирган бир лаҳзалик қайғу ва тавбани бўғишни истайди. 104. Такаббур — такаббур ва қайсар руҳ. У ҳар биримизнинг бурчимизга — Масиҳнинг жабрини қабул қилишимизга ва Нажоткоримизга тиз чўкишимизга бизни қарши қўзғатади. Бу эса ҳар бир одам мойил бўлган ақлсизларча такаббурликдан бошқа нарса эмас. 105. …қарорингизни муҳокама қилишларингизни илтимос қиламан — Руҳ ўзини ўзи текшириш ва ёвуз ниятларини, ўй–фикрларини таҳлил қилишлари учун чуқурроқ кириши керак. Яширин ёвузлик юзага чиқарилиб, Масиҳда янгиланган руҳ ҳукмига топширилиши керак. Буларнинг ҳаммаси ўйланган ҳолда, масиҳий суд «маслаҳатчи»лари даъват қилинган ҳолда ижро этилиши керак. Асарда суд маслаҳатчилари кўрсатилган. 106. Ўз қўлларини уларга қўйди — Балки бу Элишайга ишора бўлиши мумкин. Шоҳ нажот ўқларини отганда, Элишай қўлларини шоҳнинг қўлларига қўйган эди. (4 Шоҳ. 13:16) 107. Шу зоҳоти шаҳар аҳлининг кучи ўн карра ошиб кетди — Гарчи гуноҳни руҳда қатъий равишда қатл қилишга қарор этилса ҳам, бундай қатл давомида ҳар доим иштирок этиб, керакли даражада куч берадиган Муқаддас Руҳдан ёрдам сўраб илтижо қилмас экан, буни ижро этиш жуда ҳам қийин бўлади. 108. Тажрибали — руҳ гуноҳ билан кураш олиб бораётганда, қуйидагилар зарур: билим ва руҳнинг йўл бошловчиси, Масиҳда Худони билиш. Муаллиф бу ўринда ёш жангчи бўлиб тажрибалиликни гавдалантиради, чунки руҳнинг тажрибалилиги фақат имоннинг натижасидир. 109. Руҳ янги низом олади — Янги ҳуқуқлар, имтиёз ва енгилликлар одамга фақат Масиҳ унда истиқомат қила бошлагандан эътиборан берилади. 110. Шаҳарда қандай турдаги хайрия идораси таъсис қилиш керак — Масиҳийга икки муаллим Масиҳ йўлида насиҳат қилиш учун берилган. Бу муаллимларсиз масиҳий юришни билмайдиган ёш боладай қоқиниб, йиқилиши мумкин. Бош устоз Муқаддас Руҳдир («Муқаддас Руҳ…сизларни ҳамма нарсага ўргатади.» Юҳ.14:26), иккинчи муаллим — виждондир. 111. …сен шаҳар аҳлида фақат фуқаролик, ахлоқий ва оилавий фазилатларнинг ривож топиши тўғрисида ғамхўрлик қиласан — Бу ўринда муаллиф эҳтимол, ўзининг пастори жаноб Гилфордни назарда тутган бўлса керак. 112. Бу белги сизларни душман кучларининг хизматкорларидан ажратиб туради — Оқ либослар Масиҳда оқланишни билдиради. Биз уни яхши ишларимиз билан сотиб олмаганмиз, балки Унинг марҳамати билан бекорга олганмиз. 113. доимо кийиб юринглар — Биз фақат якшанба ва байрам кунларигина эмас, балки ҳар доим, ҳар куни масиҳий, яъни Масиҳнинг хизматкорлари бўлиб қолишимиз керак. 114. Тақводор Олам — руҳнинг сўнгги ва энг яхши инъоми. ҳар қандай тушунчадан устун чиқадиган Олам инсонни муқаддас қилади ва барча эзгу фикрларни унда мустаҳкамлайди. 115. Ёз мавсуми ана шу тарзда ўтди — Руҳ Ҳақиқат Қуёши — Исо Масиҳнинг олийжаноб таъсири остида бўлган даврини муаллиф ёз деб атайди. Ўзини англаб олиб, Масиҳни юрагида қабул қилган ҳар қандай гуноҳкорнинг бу ҳолати унинг гуноҳи ювилишига ишонтиради ва Унга Ўзининг Шоҳи сифатида итоат эттиради. 116. Манман — Руҳ ўзини ўзи назорат қилмай қўйганда, у манманлик уйқусига кетади ва гуноҳ устидан бўлган ғалабани Масиҳники эмас, ўзиники деб ҳисоблайди. Ўзини енгилмас деб хаёл қилади. 117. Зиёфатга бошқа таклиф қилинганлар билан бирга Худо Қўрқувси ҳам пайдо бўлди — Руҳ яна Худодан юз ўгирди, лекин уларнинг ўртасида яна битта алоқа қолди — бу Худо қўрқувсидир. Бу қўрқув ўтмишни эслатиб, руҳни уйғотади, унга тубан кетганини эслатади. 118. Сен билан шаҳар бошлиқлари ўзларингизни кўкка кўтарганларингиздан буён, ҳақиқий Куч ва Таянч бизни тарк этди — «Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади, такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.» (Ҳикматлар 16:18) 119. Кўриб турибсиз, мен сизлар билан биргаман. Сиз шубҳаланаётганингизга фақат мен аминман — Манман муқаддас нарсаларни мазах қилади — бу ниҳоятда даҳшатли гуноҳ. Масиҳнинг фазилатларига ёки Унинг нажот беришга тайёрлигига шубҳа билан қараш — бу ҳам гуноҳ, вақти келиб, масиҳий ҳамма шубҳалардан юқори кўтарилади. Лекин ҳозирча бизда имонсизнинг гуноҳли юраги, булутларга ўхшаш шубҳалар Ҳақиқат Қуёшини қоплаб олиш учун пайдо бўлади. 120. Бу кунни титраб, умидсизлик билан ўтказдилар — Уйғонган виждон — Худонинг ички овози; агар виждон қаттиқроқ гапирса, унинг нутқи жисмоний ва руҳий хасталик келтириб чиқаради. Шунинг учун одам руҳида чарчоқ сезади, унинг руҳи ваҳима ичида қолиб, титрайди. 121. Худонинг Куни… келди. — Бу жумла, эҳтимол, Буньян берилиб ваъз қилгандан икки йил ўтгач нашрга киритилган бўлса керак. Буньяннинг бу ваъзи «Мевасиз анжир дарахти» деб ном олган эди. 122. Воанаргесдан…илтимос қилган эди — Буньян даврида ваъз қиладиган қўмондонлар нимаси биландир алоҳида ажралиб турмас эди. Ҳатто қиролича Элизавета қўмондонларга ҳам ваъз қилишга ижозат берган эди. Оксфорднинг бош валийси жаноб Жон Чик Оксфорд университетида Биби Марям жамоатида ваъз қилган эди. 123. Шоҳ Ўғлига итоаткорлик билан кечирим мактуби ёзиш керак — Руҳ тубан кетганини англаб етиб, азоб чекади ва Масиҳга ибодат билан мурожаат этишга эҳтиёж сезади. Худо Қўрқувси, гарчи жавоб ололмаса ҳам, уни ибодат қилишга қўзғайди. 124. …сизлар Ундан сўрашни давом эттираверинглар — Қаранг: Забур 24:3; 26:14; 36:7; 61:6; Йиғи 3:26; Ос. 12:6. 125. …совуқ, зерикарли қаттиқ қиш давомида — Иссиқ, ёқимли ёзга қарама–қарши равишда энди руҳ учун қиш келди. Руҳ ўзини ёлғиз сезади, у виждоннинг таъналаридан, йўқотилган ҳузур–ҳаловат тўғрисидаги ўйлардан жавобсиз илтижолардан, келажак тўғрисидаги ваҳимадан чарчаган. Чорасизлигини англаб, у эзилади. 126. …ўша ярамасларни қўлга олиш учун ҳар қандай воситаларни ишга солиш ва ўша зоҳоти қатл қилиш тўғрисида буйруқ берган эди — Эммануил ҳамма иблисларни йўқ қилиш тўғрисида қатъий буйруқ беради. Лекин улар менсимадилар. Натижада Ханон халқлари Исроил халқи учун қандай бўлган бўлса, иблислар ҳам Руҳ учун шундай бўлиб қолдилар. «Агар улар ўша юртнинг аҳолисини олдиларидан батамом ҳайдаб юбормасалар, уларнинг қолган– қутганлари Исроил халқининг кўзларига тикан, биқинларига найза бўлади, Исроил халқини яшаб турган юртида сиқади.» (Саҳрода 33:55) 127. Қаҳрли Соқчи — учта боши, сочлари ўрнига бошида илонлар бор дўзахдаги Плутон саройидаги дарвозабон. Баъзилар, бу бошлар — олам, тана ва иблис ёки одамхўрлардир, дейдилар. 128. Иблис «Ўлим қўнғироғи чалинсин!» деб буйруқ берди — Дўзах тантана қилади ва инсоннинг тубанлашганидан хурсанд бўлади. Қўнғироқ руҳнинг ўлимидан дарак беради. 129. …шаҳар аҳли киядиган либослардан кийишсин — Иллат фазилат кўринишини олади ва алдов йўли билан руҳга кириб олади. 130. Эртасига бозор куни эди — Дунёвий ишларга берилганимизни муаллиф шундай тасвирлайди. Бундай ҳолатда руҳ осонлик билан иблисона руҳ таъсирига тушиб қолади. 131. Руҳни иллат йўлига буришга ҳаракат қилишимиз керак — Гарчи иблис — ёлғон отаси бўлса ҳам, бу ўринда у ишонч билан ҳақиқатни гапиради. Гуноҳ иблислар лашкарига қараганда ҳам, руҳга кўп зарар келтиради. 132. …енгилмас Шубҳа қўшини — Муаллифнинг фикрича, бутун дўзахда шубҳадан ортиқ кучлироқ, ҳалокатли қурол йўқ. Шубҳа, худди қуртга ўхшаб имонни, тасаллини кемиради, хурсандчиликни йўқ қилади, ўз ортидан умидсизликнинг қора доғларини қолдиради. 133. …минглаб ерли аҳоли ҳалок бўлиб борарди — яъни яхши фикрлар, эзгу ҳис–туйғулар ва мақсад кундан–кунга руҳдан йўқолиб бораверади. 134. Синчков — Синчков — руҳнинг эшитиш туйнуги ёки ички кўзи. Бу кўз, ҳатто руҳ ухлаганда ҳам, ҳеч қачон ёпилмайди. Синчковлик инсон руҳини безовта қилиб туради. Руҳ Худонинг қонунларини, Унинг хоҳиш–иродаси ва севгисини қанчалик унутганини эса виждон кўрсатиб туради. 135. …қария Умидсиз бошчилигида отланяпти — Бу билан, умидсизлик — масиҳийни қамраб олган жамики шубҳа ва қўрқувларнинг манбаи эканлиги кўрсатилган. 136. …орадан маълум вақт ўтгач, иккови ҳам сил касаллиги билан зиндонда ўлди — Муаллиф атайлаб иблисларни тўсатдан эмас, балки аста–секинлик билан ўлиб боришини кўрсатган. Чунки гуноҳ бирданига йўқолиб кетмайди, балки худди сил билан касалланган одам сингари аста–секин мадордан кетади. 137. Бу ҳодиса фақат тунда бўларди — «Бирор кунни гуноҳ билан ўтказганимда, тўшакда ётиб уйқуга кетсам, иблисларнинг ва ёвуз руҳларнинг безовта қилишидан қаттиқ азоб чекардим. Булар мени ўзларига жалб қилар, мен ҳеч қачон улардан ажрала олмасдим.» (Grace Abounding», 5–сон) 138. Бир марта унинг гапига кириб, кўп азоб тортганлар — Масиҳийнинг шиори — «Восвосчи билан ҳеч қандай музокарага ўрин йўқ.» Момо Ҳавонинг музокараси нима билан тугаганини ҳеч қачон унутманг. 139. …ҳаммаси сизларники бўлади — «Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг… дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини Сенга бераман » (Матто 4:8,9) 140. …шаҳар бошлиғи Идрок жавоб берди— ҳақиқат нурлари руҳни ёритганда, идрок иблисларнинг маккорона сўзларига кирмайди. 141. Иблис «Дарвоза ташқарисидан ахлат ташлансин», деб буйруқ берди — Дарвозалар ибодат билан шундай мустаҳкамланганки, душманнинг ҳаракатлари беҳуда. Душман дарвозани балчиқ, яъни шаккоклик ва беадаб сўзлар билан булғашга ҳаракат қилади, лекин оғиздан чиқаётган ибодат руҳни ҳимоя қилади. 142. Ҳазилкаш ва Улфат — дунёвий ҳузур–ҳаловат ва кўнгил очишни ифодалайди, улар кўринишидан айбсиз, безарарга ўхшайди, лекин аслида руҳни маънавий жиҳатдан бузади, иллатли ўй–фикрларни туғдиради. 143. …бирининг исми — Юлғич, иккинчисиники — Шипиринқи эди — Бу персонажлар моддий бойликларга доимий, қониқмайдиган ташналикни билдиради. 144. …аҳоли бир дарахтнинг барги билан ўзларини ўлимдан қутқариб қолдилар – Ваҳий 22:2га қаранг. 145. …жуда ҳам бадбўй ҳид — бу — Худонинг назарида гуноҳ тимсоли. Биз ҳам Довуд сингари гуноҳнинг нопоклигига сезгир бўлайлик. У айтади: «Менинг ёмонликларим бошимдан ошди… Ўзимнинг ақлсизлигим туфайли яраларим йиринглаб сасимоқда.»(Забур 37:5,6) 146. Оддий халқдан кўпчилиги … жойида ўлди — яъни кўп умидлар нобуд бўлди, чунки шубҳалар ва умидсизлик кўп руҳий шодликларни нобуд қилиб, Худонинг ваъда қилган жаннатига бўлган ишончни ўлдиради. 147. Саёқ — руҳнинг сирли равишда иблис билан ёки ёвузлик билан мулоқотга мойиллигини билдиради. 148. …йўлбошчилар ва оқсоқоллар тунда душман қароргоҳига ҳужум қилишни режалаштирдилар — Бу лавҳа инсоннинг ўзига ўзи ишонишини тасвирлайди. 149. Бир неча кучли зарбдан кейин дарвоза ланг очилди — имон заиф бўлганда, ҳиссиётлар ҳам заифлашади ва озгина зўравонликка ҳам ён беради. 150. …биз учун Шаҳзода Эммануилга кечирим мактуби ёзиб беринг — Ибодат Муқаддас Руҳ томонидан уқтирилган бўлиши керак. У бизга ибодат қилишни ўргатади, ибодат орқали ҳаётни ва куч–қудратни соғинтиради, Ота Ўғлига ҳеч нарсани рад қилмаслигини билган ҳолда, Ўғил олдида биз учун воситачилик қилади. 151. Мактуб бусиз ноҳақиқий ҳисобланади — бу лавҳа Библия матнига чизгидир: «Бунинг устига, Илоҳий Руҳ бизнинг заифлигимизга мадад бериб туради. Чунки биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз» (Рим. 8:26). «Самодаги Ота Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни бериши янада шубҳасиздир. » (Лука 11:13) 152. Ақлсиз деган аллақандай Иблис — инсонга ақлсизларча маслаҳат берадиган сирли овоз. Бу овоз — инсоннинг қадимий табиати қолдиғи, илк Одамнинг овозидир. 153. …оғзингиз Унга маъқул келадиган ибодатни айта олмайди — инсоният руҳининг душмани жуда тўғри топган. Иблиснинг мақсади муқаддасни хафа қилиш ёки гуноҳкорни ўлдириш бўлганда, у ҳақиқатни гапириши мумкин. 154. Унга ибодат қилиб, Уни кутамиз, нажот топишимиз учун Ундан умид қиламиз — иблис саҳрода Раббимизни васвасага солганда, У иблисни мағлуб қилган эди. Раббимизнинг бу ғалабасида Муқаддас Ёзув Каломи қурол бўлган эди. «Ваҳийни ёзиб қўйгин, чунки унга ҳали вақт бор. Аммо ўша вақт ҳадемай келиб қолади, айтганларимнинг ҳаммаси тўғри бўлиб чиқади. » (Ҳаваққуқ 2:3) 155. …ҳузур–ҳаловат вақти яқинлашиб келаётгандай туюлди — агар руҳ юқоридан берилган синовга ва жазога охиригача бардош берса, ибодатда ва имонда қашшоқлашмайди. У яна ишончли Таянчга ва Ҳимояга яқинлашганини ўзида сезганда, у учун ҳузур–ҳаловат вақти келган бўлади. 156. «Ишончни шаҳар бошлиғи ҳамда лашкарбоши қилиб тайинласангиз», деб илтимос қилдилар — Ишонч — Масиҳнинг қўрқмас жангчисининг асосий кучи; у масиҳийни зангдан тозалайдиган руҳий қурол бўлиб, ғалабага умид ва ишонч уйғотади. 157. Тангатежар–Сўмсотар, иккинчисиники —Музофот йўқотар–лекин Беклик олар — «Тангани тежайман, деб сўмни йўқотади» деган машҳур матал бор, бу матал тийин топиш учун сўмни сарф қиладиган ақлсизликни кўрсатади. «Бекликни йўқотсам майли, лекин музофотни қўлга киритаман» деган матал анча эски. Музофот кўп бекликлардан ташкил топган, лекин музофотнинг бир қисми бўлган бекликка эга бўлиш учун музофот ҳукмронлигидан маҳрум бўлиш — ғирт аҳмоқликдир. 158. …улар… қалъани савдо растасига айлантирадилар — Юракнинг вазифаси— худди қалъа сингари, унга келган Масиҳнинг макони бўлишдир. Юрак инсонга нисбатан севги билан тўладир. Агар одам ўзининг Нажоткорини ҳақорат қилиб, юрагини бу оламнинг бойликлари билан тўлдирган бўлса, у самовий бойликни, ҳақиқий бойликни тамомила рад қилади, юрак ўзининг вазифасини унутади. 159. Йўлбошчи Ишонч Эммануилдан мактуб олди — имонлининг руҳи кўпинча хавфни сезмайди, лекин руҳнинг Ҳимоячиси ҳамма нарсани олдиндан кўради ва Ўзининг иштирок этишини ваъда қилиб, Муқаддас Руҳ орқали фаолият кўрсатишга ўргатади. 160. …қўлтиқтаёқсиз юра олмасди — гарчи Тажрибали муваффақиятсизликлардан заифлашган бўлса ҳам, унинг мустаҳкам қўлтиқтаёғи бор. Бу —Худонинг Масиҳдаги ваъдасидир. 161. Ҳамма дарвозалар… очилди — одамнинг ҳамма сезгиси ҳозирдан бошлаб Масиҳга итоат этган. Руҳ чақирилган Нажоткорнинг иштирокини кўришни, эшитишни, ҳис қилишни истайди. 162. Кўчаларга гулсафсарлар, кўм–кўк дарахт шохлари тўшалган эди — шаҳар кўчалар қувончли, олийжаноб, муқаддас ҳиссиётлар билан қопланган инсон юрагининг йўлларини билдиради. Буньян даврида шундай қоида бор эди: қирол ўтаётганда, кўчаларга гуллар тўшаларди, уйларнинг олди ҳам гуллар билан безатиларди. 163. Боринглар, либосларингизни ювинглар — Руҳ бир неча марта шубҳа ботқоғига ботган эди, лекин Масиҳ ҳузурида ҳозир бўлишдан олдин, ўзини тавба ва Масиҳнинг қони билан оқланишга ишонч билан ювиши керак. 164. Ҳамма шубҳалар дафн қилинди — гуноҳ нафақат ўлдирилиши керак, балки ундан бирон хотира қолмаслиги учун дафн қилиниши ҳам керак. 165. …жанг майдонида қолган ҳамма нарсаси кўмилди — бу ғалаба бизга шуни ўргатадики, Худонинг севгисига бўлган шубҳа, яъни Худонинг Каломини бизга хабарлайдиган ҳамма нарсага қарши турадиган шубҳалар тамомила ўлдирилиши керак. Чунки шубҳалар бизнинг Худо билан бўлган содиқ аҳдимизга доғ туширади, руҳимиз учун ҳалокатлидир. 166. Қонхўр — масиҳийларни таъқиб қилишнинг ва таъқиб қилувчиларнинг шафқатсизлиги тимсолидир. 167. Уларнинг ихтиёрига қуйидаги қўмондонлар берилган эди — бошлиқларга Библиядаги персонажларнинг исмлари берилган бўлиб, улар қонхўр, маккор ва шафқатсиздирлар. 168. Поп — Рим–католик поплиги, улар ўзларини ер юзидаги Масиҳнинг қўл остидамиз, деб ҳисоблайдилар. 169. Жонбоз — руҳнинг дориси, одатда аччиқ бўлади, ҳамма қаҳрамонликлар остида жонбозлик ётади. Жафокашлар доимо жасур одамлар бўлган ва шундай бўлиб қоладилар. 170. …уларни ўлдирманглар, тириклайин асирга олинглар — «Душманларингизни севинглар. Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинглар. Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун, сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар.» (Матто 5:44) Масиҳ тоғда шогирдларига ваъз қилганда, шундай амр берган эди. Бизнинг шаҳвоний нафсимиз хочга михланиши, шубҳалар йўқ қилиниши керак. Лекин бизни таъқиб қилувчилар учун шафқат қилишимиз, улар учун ибодат қилишимиз керак. 171. Ҳалокатли Савол — бу ўринда муаллиф ўз тажрибаси тўғрисида айтади. Кўпинча уни шубҳалар қамраб олганда, ўзига ўзи шундай савол берарди: «Мен танланганманми ёки йўқми? Юз буришга кечикмадимми? Худонинг шафқатига ва Масиҳнинг қони билан нажот топишга умид қилсам бўладими?» ва ҳ. Бундай ҳалокатли саволлар руҳда яшириниб қолган шубҳалар ва ишончсизликлар қолдиғидан пайдо бўлади. Масиҳдан «Имонимизни мустаҳкамлагин», деб сўраганимизда, бу саволлар хочнинг остига ағнатиши керак. 172. …менинг бўйим билан тенг — феъл–атворнинг ўхшашлиги назарда тутилади. 173. Менинг исмим Ҳалокатли Савол эмас, балки Идрокли Ҳавасманд — Иллат кўпинча фазилат номи остида яширинади. Ҳалокатли Савол билан Идрокли Ҳавасманд ўртасидаги фарқни тушуниш жуда муҳим. Ҳавасмандлик — ҳар бир масиҳийнинг муҳим бурчи. Ҳалокатли Савол эса барбод бўлган идрокимизга суянишдир. Ваҳий ҳақиқатини ҳукм қилганимизда, бу идрокимиз такаббурларча ҳукм қилишимизга олиб келади, нотўғри маъно бериб, ҳалокатга олиб келади. 174. …жафокаш бўлиб ўламан — «Жафокаш» гувоҳ, калом, асосан Масиҳга бўлган севгисига ўз қони билан имзо чеккан, Инжилга садоқати учун ўлимга ҳукм этилган масиҳийлардир. Лекин агарда масиҳий танланиш ақидасига кўра, шубҳалар учун ўлимга ҳукм этилган бўлса, у жафокашлар гулчамбарига сазовор. 175. …ҳукм ўша зоҳоти ижро қилинди. — китобхон шуни ёдида тутиши лозимки, бу сўзлар гуноҳ қилган шахсларга тегишли эмас, балки мажозий маънода бу гуноҳлар имонлининг юрагидан йўқ қилиниши керак. 176. Эркин Майл Ёлғон Ваъдани осишга буюрди — жазонинг шафқатсизлиги муаллиф яшаган давр руҳи билан изоҳланади.Шуни унутмаслик керакки, бу мажоз иблисона, гуноҳли фикрлар қандай қилиб ўлдирилиши лозимлигини кўрсатади. 177. …ўтмишда қилганларинг… сенинг ҳузур–ҳаловатингга айланиб кетди — «Сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас». (Эфес. 2:8) 178. …ҳатто минг йил яшаганингда ҳам бутун Оламда бошингдан кечирмаган роҳат–фароғатни биласан — Менинг Исом ҳукмрон бўлган жойда Бир умрга озоддир маҳбуслар. Очлар манна билан тўйдирилгандир, Интиламан самога — Масиҳимга. Ажойиб хотиржамлик ҳукмрон унда Толиққанлар, азоб тортганлар учун Худо Каломини ўрганганлар учун Заминий шуҳратни соғинмаганлар учун. (Уогге) 179. Гуноҳдан сақлан, эй суюкли ижодим — гуноҳ фаришталарни осмондан пастга туширди. Гуноҳ инсонни жаннатдан қувди ва Худонинг ҳузур–ҳаловатидан маҳрум қилди. Гуноҳ Раббийнинг ҳаётини ва шуҳратини хочга михлади. Гуноҳ сон–саноқсиз жинларни ва одамларни азоб–уқубат қаърига абадий итқитиб юборади. Гуноҳга муросасиз нафрат билан қарайлик, Исонинг ҳузур–ҳаловати гуноҳга бўлган севгини илдизидан қуритсин, гуноҳнинг юракларимиздаги ҳамма қалъаларини бузиб ташласин.