Рон Брэкин ҚУВҒИНЛАР ЛАЗЗАТИ Бир ойлик ибодат қилиш учун қувғин қилинаётган жамоатга оид қўлланма БАҒИШЛОВ Қўзи бешинчи муҳрни бузганда, Худонинг каломи ва берган шаҳодатлари туфайли шаҳид бўлганларнинг жонларини қурбонгоҳ поясида кўрдим. (Ваҳий 6:9) Китоб вафодор дўстларим, сингилларимга севги ва миннатдорчилик ила бағишланади Қўрқма, Мен сен билан. (Ибтидо 26:24) МУҚАДДИМА Қачонлардир кимдир шундай деган: “Янги Аҳддан қувғинларни чиқариб ташланг — китоб юпқагина брошюрага айланади–қолади”. Рон Брэкен ўзининг “Қувғинларнинг лаззати” номли китобида ўқувчиларни Янги Аҳдни чуқур ўрганишга ва Худо Каломи таъқиблар ҳақида нима дейиши тўғрисида атрофлича билиб олишга таклиф қилади. Агарда бунга таъқиб қилинувчи жамоатни ташкил қилувчи биродар ва сингилларимизнинг ҳикоя ва гувоҳликларини қўшадиган бўлсак, сиз ишонарли номага ва ёрқин ваъзга эга бўласиз. Аммо таъқибларда қандай лаззат бўлиши мумкин? Яқиндагина биз Суданда Масиҳдаги бир сингил билан танишдик. Унинг эри эътиқоднинг асири эди. Аёл эрини ҳукм қилган зўрлик сиёсатига қарши чиқди ва шунинг учун туя қамчини билан ўттиз дарра жазо олди. Агар яна шунга ўхшаш вазият туғилгудек бўлса, аёл яна худди шундай йўл тутадими деб сўрашга журъат этганимизда, унинг ажойиб ва ботир юзига бир боқишнинг ўзи кифоя эди! “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти, мана қирқ беш йилдирки, таъқибга учраган ва азоб чекаётган жамоаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда, бироқ фақат сўнгги вақтларда Масиҳ Танаси узоқ чўзилиб кетган мусибатлар даврини бошидан кечираётганини ғарб жамоаси тушуна бошлади. Таъқиблар бизга орқаваротдан маълум эмас. Биз таъқибларни жамоанинг ачинарли ҳолатини айтишга тинимсиз чақириқ сифатида қабул қиламиз. Мана шу мақсадда ушбу қўлланмани ибодат қилиш учун яратишни лозим топдик. Қўлланмани ўқиб чиқинг, орангизда бефарқлар бўлмасин. Гўёки биз асирликдаги маҳбусларнинг биродарларидай, уларни эсдан чиқармаслигимиз керак. Эсимда йўқ, “илғор позициялар”даги масиҳийларни неча бор бориб кўрганимда, доимо қуйидагича сўзларни эшитардим: “Бизни эсдан чиқариб юборгансиз, деб ўйлаймиз...” Уларни бориб кўринг ва кўнгилларини кўтаринг — баъзида улар шундан бошқа нарсани сиздан талаб қилишмайди. Йоган Компаньен КИРИШ Янги Аҳд — бу Худо севгисининг буюк ва такрорланмас тарихининг намоён бўлишиидир. Лекин унда севгининг иккинчи буюк намоён бўлиши ҳақида гапирилади. Худо Ўзининг яккаю ёлғиз Ўғлини биз нажот топишимиз эвазига тасаввур қилиб бўлмас баҳо сифатида жўнатганда, севги биринчи бор намоён бўлган эди. Иккинчи бор эса — Худо Ўзининг гуноҳи ювилган фарзандларини — сизни ва мени — Ўғлининг номи учун муносиб азоб чекишимиз ва ўлишимиз учун лозим топганда. Ҳозирги кунларда ғарб жамоати таъқиблар тўғрисида жимжит, ахир, бизнинг илоҳиётимиз — бу муваффақият илоҳиётидир. Бизга эътиқодни сақлаш ва нажот топишнинг ўзгармаслиги ҳақида гапиришади. Бу таълимот одамларни ҳеч бўлмаганда дўзахга тушишдан тутиб туради. Бу таълимот уларнинг елкасини қоқиб, чипта топишга ва осмонга жўнатишга имкон беради. Бироқ Муқаддас Китоб умуман бошқача тасвирни акс эттиради. Модомики Ғарбдаги имонлилар Ибронийларга Мактубдан 11:1–35 эътиқоднинг буюк қаҳрамонлари ҳақидаги маълум жойларидан мамнуният билан иқтибос келтирар эканлар, дунёнинг бошқа қисмидаги масиҳийлар ҳар куни 35–38-оят долзарб эканлигига ишонч хосил қиладилар: “...Бир неча аёллар ўз марҳумларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар. Бошқалари эса аълороқ тирилишга — қиёматга эришиш умидида юриб, нажотни қабул қилмадилар ва азобда қолиб ўлдилар. Яна бошқалари ҳақоратлар, калтакларга чидаб, зиндонларда занжирбанд бўлиб ётдилар. Тошбўрон бўлдилар, қийноқларга чидадилар, арралаб иккига бўлиндилар, қиличдан ўтказилдилар. Қўй ва эчки териси ичида сарсон-саргардон кезиб, муҳтожлик, танглик, азоб-уқубат чекдилар. Чўл-саҳроларда, тоғ-тошларда адашиб, ғорларда, ернинг кавакларида фақирларча умр кечирдилар. Мана, дунё уларга муносиб эмас эди!” Қувғинлар муқаррардир. Азоб-уқубатлар ибодат, Худога хизмат ва мулоқот қилиш билан бир қаторда, Вочман Нининг “масиҳийнинг нормал ҳаёти” ҳақидаги тасаввурига киради. Биз мамнуният билан Матто баён этган Хушхабардаги ҳузур-ҳаловат амрларидан 5:3-9ни эълон қиламиз, аммо 10-12 — оятларда очиб берилган мавзуни кам ваъз қиламиз: “Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган”. Бу оятларга бирон кишидан мен “ҳа” ва “омин” деган сўзларни эшитаманми? Масиҳдан фақатгина ҳузур-ҳаловатни қабул қилиб, таъқибларни эса менсимаслик ярамайди. Бу ерда шундай қоидага амал қилинади: олдинига — таъқиб ва азоб-уқубатлар, сўнгра — ҳузур–ҳаловатлар. “Исо бунга жавобан деди: — Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади” (Марк 10:29, 30). Исо Масиҳ номи учун воз кечган нарсаларимизни биз аслида юз баробар қилиб қайтариб олишга интиламизми? Албатта. Ошиғи билан қайтариб оламиз ҳам. Таъқиблар билан биргаликда. “Хушхабарни Дервия шаҳрида тарғиб қилиб, кўп шогирд орттиришгандан сўнг, Листра, Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтдилар. Йўл-йўлакай Исо шогирдларининг жонларига жон қўшиб, имонда собит бўлишлари учун далда берардилар. “Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак”, - деб насиҳат қилардилар” (Ҳаворийлар 14:21, 22). Исо Масиҳ ҳақиқатдан ҳам бизга намоён бўлишини хоҳлаймизми? Шубҳасиз. “Биз ҳар томонлама жабрланамиз, лекин эзилмаймиз. Мушкул аҳволда қолдик, аммо умидимизни йўқотмаймиз. Қувғинга учраймиз, лекин иложсиз эмасмиз. Ерга қулаймиз, аммо яксон бўлмаймиз. Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрибмиз. Бизнинг фоний баданимизда Исонинг ҳаёти намоён бўлсин деб, биз, тириклар, Исо учун ҳамиша ўлимга топширилмоқдамиз” (2 Коринфликларга 4:8–11). Биз чиндан ҳам Исо Масиҳда мўмин ҳаёт кечиришни истаймизми? Худди шундай. Павлус ҳам дўстларини ўзининг кетидан боришга даъват этади: “...ўқишда, ҳаётда, имон-эътиқодда, хоҳиш-истакда, олижанобликда, сабр-тоқатда, қувғинларда, азоб-уқубатларда, наинки мен учраган ва бошимдан кечирган таъқибларда — ҳамма-ҳаммасидан Раббий мени халос этди”. “Сен эса менга эргашдинг, таълимотим, турмуш тарзим, мурод-мақсадим, имон, севги ва сабр-тоқатимдан намуна олдинг. Бошимга келган қувғинларни — Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида чеккан азобларимни эшитдинг. Қандай қувғинларга сабр-тоқат қилдим! Раббим мени ҳаммасидан қутқарди. Исо Масиҳ йўлида диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар” (2 Тимўтийга 3:10–12). Шундай қилиб, олдин — азоб-уқубат, сўнгра — ҳузур-ҳаловат. Лекин қувғинларнинг муқаррарлиги ҳақида қаерда айтилади? “Агар сизларни бир шаҳардан қувсалар, бошқасига қочиб ўтинглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли ер юзига қайтиб келади” (Матто 10:23). “Лекин илдизи йўқ, беқарор киши бўлгани учун, калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлган ҳамон васвасага тушиб қолади” (Матто 13:21). “Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади” (Матто 24:9). “Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак...” (Ҳаворийлар 14:22). “Исо Масиҳ йўлида диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар” (2 Тимўтийга 3:12). Ваҳий китобининг 2-боб, 10-оятида шундай сўзлар ёзилган: “Бошга тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман”. Ва ниҳоят, Масиҳнинг Ўзи ҳам қувғинга учрамаган, деб ким инкор қила олади? Қолаверса, Унинг азоб-уқубатлари қанчалик оғир бўлганлигини тасаввур қилиш ва тушуниш жуда оғир. Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 15-боб, 20-оятида Масиҳ шундай дейди: “Қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас, деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар...” Ҳар қандай имонлининг ҳаётида қувғинлар — калтаклаш, асирлик, азобли ўлим ёки Ғарбга хос васвасага солиниш кўринишида муқаррардир. “Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир. У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради” (1 Коринфликларга 10:13). Сиз васвасага тушдингиз...кучингиздан ортиқ васвасага тушиш... тоқат қилиш... иложини топиш. Булар қувғиндан нимаси билан кам? Бироқ таъқибларни оддий ва муқаррар ҳолат сингари тан олиш — бу фақат биринчи босқич. Ибодат қилиш тўғрисидаги ушбу қўлланмада биз Худо таъқибларга қандай муносабатда бўлгани ҳақида суҳбатлашамиз. Биз дунё бўйлаб яшаётган биродар ва сингилларимизнинг жонли эътиқоди ва ботирлиги тўғрисидаги ҳақиқий воқеаларни ўқиймиз. Қолаверса, улардан кўпчилиги ҳозирга қадар Масиҳ эътиқоди учун жуда катта товон тўламоқдалар. БУ ҚЎЛЛАНМАДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШ ЛОЗИМ? Алоҳида ибодатга ва Худо ҳақидаги ўй-фикрларга ёрдам берувчи “Қувғинлар лаззати” номли ушбу китоб якка тартибда ўқишга мосдир, аммо китоб якшанба мактабларида ва Муқаддас Китоб тўгаракларида, шунингдек, оила доирасида ўқишга мўлжалланган яхши китоб ҳисобланади. Бундан ташқари, бу қўлланма — йилда ноябрь ойининг ўрталарига тўғри келадиган, таъқибга учраган Жамоат ҳақидаги халқаро ибодат Кунига тайёргарлик кўришда ҳам ажойиб восита сифатида хизмат қилади. Ҳар кунги ўқишнинг тузилиши қуйидагича. Кун Ёзувдан танлаб олинган жойни ўқиш билан бошланади. Ундан сўнг таъқиблар шароитида ҳақиқий эътиқодни намоён қилиш ҳақидаги ҳикоялар келади. Бу ҳикояларнинг мақсади — ўқувчиларни янада кучлироқ қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ибодат хизмати тематикасини тақдим этиш, Инжилга душманларча муносабатда бўлган мамлакатлардаги қувғинга учраган жамоатнинг кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлари ҳақида эслатиш. Ҳикоядан сўнг бирор нарсага алоқадор “Қўшимча мулоҳазалар” келади. Уларда муфассал таълимотни кўрмаслик керак. Бироқ бу бўлимдаги у ёки бу қарашлар мустақил равишда фикр юритишга ёки муҳокама қилишга, ўқувчиларни қизиқтиришга даъват этади. “Ақл учун озуқа” номли бўлим ўқувчиларни оғир масала устида меҳнат қилишга ундайди — кун мавзусида баён этилган қоидаларни амалда шахсан ёки биргаликда қўллашни ўйлаб кўринг. Ва ниҳоят, “Келажакдаги тадқиқотлар” бўлимида кундалик материалларни кенгайтирувчи ва мустаҳкамловчи оятларни Ёзувдан топиб ўқиш таклиф қилинади. Баъзида “Қувғинлар лаззати” қўлланмаси яна ўқувчиларнинг қувғиндаги жамоатлар билан алоқасини чуқур англаш ва мустаҳкамлаш учун қўшимча адабиётни ва амалий машғулотларни тавсия этади. “Лекин таъқибларда қандай лаззат бўлиши мумкин?” — деб сўрайди ушбу китобнинг муқаддимасида Йоган Компаньен. Шубҳасиз, у оғриқдан ва айрилиқдан келадиган бахтни назарда тутмаган. Бу ерда гап чуқур маънодаги ҳузур-ҳаловат ҳақида бормоқда. Бундай ҳузур-ҳаловатга “...ҳаворийлар, Раббимиз Исо номи учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб қувониб, Кенгашдан чиқиб кетишаётганда” (Ҳаворийлар 5:41) эришишган. Қадрли дўстларим! Ушбу кичкинагина қўлланмани ўқиганингизда, сизнинг юрагингизда қувғинлар олдида ҳеч қандай қўрқув қолмаслиги учун, сиз номаълум сабабларга кўра азоб тортганингизда, қалбингизда норозилик ҳисси жой олмаслиги учун, Масиҳ номи билан сиз янада журъатли бўлишингиз учун, сизнинг эътиқодингиз муваффақиятингизга таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўйламаслигингиз учун мен сиз учун қизғин ибодат қиламан. Бутруснинг сўзлари билан сизларга илтижо қиламан: “Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар. Аксинча, Масиҳнинг қанча азобларига шерик бўлаётган бўлсангиз, шунча хурсанд бўлинглар! Шунда У шон-шараф ила осмондан тушиб зоҳир бўлгач, кўнглингиз яна кўпроқ қувончларга тўлади. Агар Масиҳ номи туфайли сизларни ҳақорат қилишса, бахтиёрсизлар! Чунки Худонинг Руҳи, шон-шараф Руҳи сизларда маскан қилади. [Уларга қолса, Руҳни ҳақорат қиладилар, сизларда эса шарафланади]. Сизлардан ҳеч ким қотил, ўғри, ёмонлик қилувчи ёки фитна-фасодчи бўлиб азоб чекмасин. Лекин агар бирор киши масиҳий бўлгани учун азоб чекса, уялмасин, аксинча, бу ном билан Худони улуғласин” (1 Бутрус 4:12–16). Ниҳоят, менинг шунга ишончим комилки, сиз бутун ер юзида таъқибга учраган жамоатлар аъзоларининг барчаси учун, катталар ва болалар учун ўзингизнинг барча тинимсиз қилаётган ибодатларингизда ҳар доим уларни эслаб ўтасиз. Сиз уларни бир йилда бир маротаба эмас, балки йилнинг ҳар куни эслайсиз ва улар учун ибодат қиласиз. Зеро сизнинг ва менинг азоб чекаётган биродарларимиз, сингилларимиз қувғин вақтида сизнинг ва менинг қилган ибодатларимизнинг ҳузур-ҳаловатига эриша олишсин. “Масиҳнинг севгиси қалбингизда илдиз отиб, маҳкам ўрнашсин, токи сизлар барча Худонинг азизлари билан бирга бу севгининг кенглиги, узунлиги, баландлиги ва теранлигини тўла англашга кучингиз етсин. Ҳа, сизлар Масиҳнинг ақл бовар қилмас севгисини фаҳмлаб бориб, Худонинг бутун камолотига эришинглар” (Эфесликларга 3:18, 19). 1 — КУН. ҚУВҒИНЛАР БОШЛАНАДИ “Исо подшоҳ Ҳирод даврида, Яҳудиянинг Байтлаҳм шаҳарчасида туғилгандан кейин, шарқдан Қуддусга мунажжимлар келди. Улар: — Яҳудийларнинг подшоҳи бўлиб туғилган бола қаерда? Биз шарқда Унинг юлдузини кўрдик, Унга таъзим қилгани келдик, - дедилар. Подшоҳ Ҳирод буни эшитгач, у билан бутун Қуддус безовталаниб кетди”. (Матто 2:1–3) Доктор Пол Негрут Руминиянинг Орадо шаҳридаги Европа континентининг энг катта баптист жамоати қавмбошиси эди. У жамоат соҳасида сидқидилдан фаолият кўрсатарди, бироқ мамлакатда Чаушески тузуми ҳукм сурар эди. Шунинг учун бу ердагилар ҳам қавмбоши Негрутга нисбатан ниҳоятда ёмон муносабатда бўлишган. Бир куни кечки пайт Инжилни сермаҳсул тарғиб қилиб бўлгач, Пол уйига қайтди. У уйга келганда хўнграб йиғлаб ўтирган хотинига ва жуда қўрқиб кетган тўққиз ёшли қизига дуч келди. Хотинининг йиғлаб сўзлаб беришига қараганда, уларнинг қизи мактабдан келаётган экан. Шу вақт Секуритате (махфий давлат полицияси) аъзолари уни зўрлаб, номусини поймол этишга ҳаракат қилишибди. Улар шу йўсинда қизни хўрлаб, оилани барбод қилмоқчи бўлишибди. “Шу кеча мен бирор бир тўхтамга — қандайдир қатъий қарорга келишим керак эди, — дейди Пол. — Олдинига Руминиядан кетишни жиддий режалаштирдим. Аммо кейин мен бу ердаги марҳаматли қувғинлардан қочишим керакми ёки тақдирга тан бериб, қизимга қандай зулмлар кўрсатилса, ҳаммасига чидашим лозимми, деб Раббийдан сўрадим. Сўнгра хотиним билан маслаҳатлашиб, биз қолишга қарор қилдик. Икки кундан кейин унинг қизининг номусига тегишга золимлар яна ҳаракат қилишди, яна икки кундан кейин эса энди Полнинг хотинига нисбатан хужум уюштирилди, аммо лекин Худо ҳар сафар мўъжизавий тарзда уларни қутқарар эди . Қўшимча мулоҳазалар Жамоат ҳали тасдиқланиб улгурмасидан уни таъқиб қила бошладилар. Иблис инсонларнинг қалбида золим Ҳирод исмли қўрқув, ёвузлик ва нафратни уйғотди. Иблис Исонинг юрагини санчиш учун газандани ўз қуролига айлантирди. Ёғ суртилган ерга келиши биланоқ Уни тор-мор қилишнинг иложи бўлганда, иблиснинг найрангига биноан Жамоат ҳам, Хоч ҳам, Гуноҳни ювиш ҳам бўлмасди. Бироқ бу заминда Исо ёлғиз эмасди. Ота Уни қўриқларди ва ҳимоя қиларди. Худо томонидан юборилган фаришта Юсуфга ва Марямга қочиб кетишни амр қилди. Исонинг заминий ҳаёти вақтида иблис бир марта эмас, яна бир неча марта Унинг хочдаги ўлимига халақит қилишга уринди. Иблис васваса, ибронийларнинг бебошлиги, диний раҳбарларнинг манманлиги орқали ҳаракат қиларди, ниҳоят, инкор этиш руҳидан фойдаланиб Исони фарёд қилишга мажбур этди: “Эли, Эли, ламо шавақтани? Яъни “Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?” (Матто 27:46). Лекин Ота-Худонинг Исога нисбатан севгисига тўсқинлик қилишга ҳеч қандай куч ва таъқиблар топилмади. Масиҳ, шубҳасиз, Ўз кўзлаган мақсадига эришди. Мана ўша кундан бошлаб то ҳозирга қадар иблис ўз нафратини Жамоатга — Масиҳнинг ердаги жисмоний Танасига сочади. Ақл учун озуқа Ёруғ оламда Масиҳ издошларининг истисносиз ҳар бирида ўзининг хизмати мавжуд. Ўйлаб кўринг-а, сизга ишониб топширилган хизматни бажаришингизнинг уддасидан чиқа олмаслигингиз учун иблис сизга нисбатан қандай ҳийла-найрангларини қўллайди?! Доимий васвасаларми? Йўлдаги ҳалокатлар, бахтсиз ҳодисалар, турли фожеаларми? Худо сизни етаклаётган ҳақиқат йўлидан адаштирувчи қарорларми? Сизнинг оила аъзоларингиз, атрофдагиларингиз, синфдошларингиз, бирга хизмат қилаётган ҳамкасбларингиз, давлат бошқарувчиларининг қилаётган қувғинларими? Келажакдаги тадқиқотлар Исо ҳали ёш экан, ўша пайтларданоқ иблис Уни — нафақат Уни балки бошқаларни ҳам — йўқ қилмоқчи бўлган. Қадимги Аҳдни ўқир эканмиз, иблис бир неча бор худди ўша биргина усулни қўлламоқчи бўлганига осонгина ишонч ҳосил қилиш мумкин. • Ибтидо Китобининг 37-бобини ўқинг. Унда иблис орқали Юсуфнинг ҳасадгўй акалари уни ўлдиришга қилган ҳаракатларини ва Мисрда Исроил миллатининг пайдо бўлишини олдини олиш учун қандай тўсқинлик усулларини қўллаганларини билиб оласиз. • Чиқиш Китобининг 1 ва 2-бобларини ўқинг ва оёққа тураётган иброний халқини ҳамда Исроилнинг бўлажак Нажоткори — янги туғилган Мусони иблис қай тарзда йўқ қилиш мақсадида фиръавндан қандай фойдаланганлигини кузатинг. • 1 Шоҳлар 17 ва 18-бобларида иблис айиқдан, шердан, филистларнинг паҳлавони Гўлиётдан ва ҳатто Довуд исмли болакайни ўлдирмоқчи бўлиб, Худо томонидан мўлжалланган ва Исонинг туғилишига сабаб бўлувчи шажарани тўхтатиш мақсадида Исроил шоҳидан фойдаланади. • Эстер Китобида иблис ёшгина ва гўзал Эстерни ўлдиришга ҳаракат қилишда ва шу йўл билан Исроилнинг қолган уруғини йўқ қилиш мақсадида муртад Амандан фойдаланади. • Дониёр Китобининг 3-бобини ўқинг ва иблис учта яҳудий йигитларини — Седрах, Мисхақ ва Авденагони ўлдириш учун Навуходнасор шоҳидан қандай фойдаланганини билиб олинг. Сўнгра Дониёр Китобининг 16-бобини ўқинг ва ҳаддан ошган золим амалдорлар ва шоҳ Даро ҳукмдорлари ёшгина Дониёрни таъқиб қилганларини кузатинг. 2 — КУН. ЯҲЁ ПАЙҒАМБАР “Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйлангани сабабли Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди. Чунки Яҳё Ҳиродга: “Укангнинг хотинини олиш сен учун раво эмас”, - деб юрган эди. Ҳиродиянинг ўзи Яҳёдан аччиқланиб, уни ўлдирмоқчи бўлган, аммо бу ниятига ета олмаётган эди. Ҳирод эса Яҳёнинг солиҳ ва Муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзларини мароқ билан тинглар ва кўп ишларни унинг маслаҳати билан қиларди. Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан ўз мансабдорлари, мингбошилари ва Жалила юртининг оғаларига зиёфат берди. Ҳиродиянинг қизи кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Подшоҳ қизига: — Нима истасанг, тила, мен сенга бераман, — деди. Унга ҳатто қасам ичиб: — Мендан нима сўрасанг, бераман, подшоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, — деди. Қиз чиқиб онасидан сўради: — Нимани сўрай? — Яҳё пайғамбарнинг бошини сўра! — деди онаси. Қиз шу онда подшоҳ ҳузурига югуриб бориб: — Менга ҳозироқ лаганда Яҳё пайғамбарнинг бошини олиб беришингизни сўрайман, — деди. Подшоҳ жуда хафа бўлди. Лекин қасам ичганлиги туфайли ва меҳмонлар хотири учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади. У шу ондаёқ жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди. Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди ва лаганга солиб, қизга олиб берди; қиз эса онасига топширди. Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди”. (Марк 6:17–29) Кореялик Кван-Джун Пак исмли мўйсафидни Кореялик Илёс, ёки баъзида янги замон Дониёри деб аташарди. Пак азобли ва оғир ўлимни қабул қилди, чунки у Исо Масиҳга имон келтирган эди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида, япон империалистлари Кореяни босиб олганларида, у мустамлакачилик тузумига қарши чиқди. Шунда японлар халққа синтоистик динини мажбуран қабул қилдирмоқчи бўлганлар. 1939 йили24 мартда қария Пак босқинчиларнинг аёвсиз колониал сиёсатига қарши чиқиш учун Японияга жўнади. У император қонун чиқарувчи кенгашининг 74-йиғилишига яширинча кириб олди. Қуйи палатанинг қарори янграгандан сўнг мўйсафид Пак меҳмонлар учун махсус ажратилган жойларнинг биридан туриб, деди: “Мана, Худонинг буюк амри, Яҳвенинг буюк номаси!” Шундан кейин у япон империалистларининг корейс масиҳийларига нисбатан ёвуз муносабатларини фош қилувчи варақаларни ташлай бошлади ва Худонинг ҳукми яқинлашиб келаётганидан хабардор қилди. Варақаларда яна нима учун корейс масиҳийлари синтоизмга зўрлаб киритишга қарши эканликлари ҳақида тушунтириб берилади. Қария Пакни ҳибсга олишди ва олти йиллик қамоқ жазосини тайинлашди. Суднинг ҳукми билан жазо ўтаётганда Пак етмиш ёшида азоб-уқубатли ўлимни қабул қилди. Асирликда ёзган унинг сўнгги шеърининг бир мисраси шундай эди: Мен Масиҳ учун ўлишни хоҳлайман, чунки У мен учун қурбон бўлган! Қўшимча мулоҳазалар Исо Масиҳ янги ижод бўлди (2 Коринфликларга 5:17); Унинг Ўзи қувғинга учраганларнинг биринчиси бўлди, лекин сўнгиси эмас эди. Кимки У билан бирга бўлса, кимки Уни қабул қилиб, Унинг таълимотига риоя қилса, худди шундай жазони қабул қилишга тайёр туриши керак. Худонинг халқига нисбатан Иблиснинг нафрати шунчалик кучли эдики, у Масиҳнинг барча шогирдларига ҳеч бир истисносиз зиён етказиш ҳолатларини имкон қадар қўлдан чиқармаган. Ҳар доим шундай бўлиб қелган — Исогача ҳам, Ундан кейин ҳам. Иблис бу ерда турлича қуроллардан фойдаланган. Гарчанд Исроилда бошқа Ҳирод ҳукмдорлик қилаётган бўлса-да, Яҳё пайғамбарга қарши қилични у кўтармади. Бу сафар шайтон аёлни — Ҳироднинг хотини Ҳиродияни ишга солди. Бунинг устига, Яҳё пайғамбарнинг ўлими кўп йиллар олдин юз берган ҳодисаларга ўхшаб кетарди. Изабеллада бўлгани сингари, Ҳиродия ўзида худди ўша ўлим руҳини олиб юрарди. Худди шунга ўхшаб Илёс пайғамбарнинг руҳи Яҳё пайғамбарда бўлган (Матто 17:11–13; 3 Шоҳлар 19:1, 2). Изабелла амалга ошира олмаганини Ҳиродия бажарди. Агар жамоат таъқиб қилинмаса, демак, жамоат у ёки бу кўринишдаги гуноҳга йўл қўйган бўлади. Агар жамоат Масиҳ севгисидаги одамларнинг эҳтиёжларидан хабардор бўлса, унда жамоат жар солади ва гуноҳкорларга оловдан бехавотир жойга ўтиш йўлини кўрсатади. Ақл учун озуқа 1. Ҳаворий Павлус Дамашқ йўлида йиқилиб тушади ва Исонинг овозини эшитади: “Мен сен таъқиб қилаётган Насролик Исоман”. Савол: агар ҳозирда Исо Отанинг самовий Шоҳлигида бўлса, қандай қилиб Уни таъқиб қилиш мумкин? 2. Ҳиродия гуноҳ ҳисобланмайдиган ғурурга эга эди, эҳтимол, ҳукмдорлик қилишга ва бойишга ниҳоятда интиларди. Аммо ҳамма нарсадан ажралиб қолишдан у қўрқарди. Унинг паст моҳиятини очиб ташловчи ҳақиқатга нисбатан Ҳиродиянинг ҳис-туйғулари қаҳр-ғазабга айланди. Яна қандай руҳ ва сабаблар масиҳийларни таъқиб қилишга одамларни ва ҳукуматни ундайди? Шахсан сизни қачон бўлса ҳам ҳақиқатни гапирганингиз учун таъқиб қилишганми? Келажакдаги тадқиқотлар • Ибтидо китобидан 4-бобни, Қобил ҳасад туфайли укаси Ҳобилни ўлдиргани ҳақидаги ҳикояни ўқинг. • 3 Шоҳлар 21-бобда қандай қилиб очкўзлик Навотни ўлдириш учун Ахабни етаклаганига жуда яхши намуна мавжуд. • 2 Шоҳлар 11-бобдаги эпизодни — Довуднинг Бурсабога нисбатан ҳис-туйғуси натижасида унинг эрини ўлдирганини ўқинг. • Ҳаворийлар Фаолияти 22:3–5 да Павлуснинг Раббийга фидойи бўлгани ҳақида ва Исо имонлиларнинг жазоланиши тўғрисида нима деганини ўқинг. 3 — КУН. ЯҚИНЛАР ТОМОНИДАН РАД ҚИЛИНИШ “Кейин Исо деди: - Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди. <...>Йиғилган жамоат буларни эшитиб, ҳаммалари қаттиқ ғазабланиб кетишди. Ўринларидан туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди-да, Уни ташлаб юбориш учун ўз шаҳарлари қурилган тепанинг четига олиб боришди. Лекин Исо уларнинг орасидан ёриб ўтиб, кўздан ғойиб бўлди”. (Луқо 4:24, 28–30) Доктор Джон Питт Мисрда танишган Тимотий исмли ёшгина масиҳийнинг ҳаётидаги қайғули воқеани сўзлаб берди. Тимотий “Дунё радиоси” орқали масиҳийча эшиттиришларни мунтазам равишда тинглаб борар, шунинг таъсирида унинг юрагига Исо киришини Ундан илтижо қилиб сўради. Шундан сўнг улкан хурсандчилик билан Тимотий Унинг кетидан борди. Бироқ Тимотий ўзининг янги эътиқоди ҳақида мусулмон қариндош-уруғларига сўзлаб берганда, унга эшикни кўрсатишди ва ўзи туғилиб ўсган уйни тамомила эсдан чиқаришини буюришди. Бир неча йил ўтгач (бу вақт мобайнида у бошқа масиҳийлар билан бирга эди) Тимотий оиласи билан ярашиш мақсадида уйига бормоқчи бўлди. Онасининг туғилган кунига гул сотиб олиб. оиласи истиқомат қилаётган уйга йўл олди. Тақиллатган эди, эшикни онаси очди. “Ассалому-алайкум, онажон! Туғилган кунингиз билан табриклайман, — деди Тимотий. — Мана бу гуллар сизга... Мен сизни жуда яхши кўраман!” “Кўзимдан йўқол! Сени кўришни истамайман!” — деб жавоб берди она ва жаҳл билан эшикни ёпиб қўйди. “Энди менинг оилам ҳам йўқ”, — деди Тимотий Джонга. Ҳис-ҳаяжондан унинг овози титрарди, кўзларидан шашқатор бўлиб оқаётган кўз ёшлари юзларини ювиб тушарди. Сўнгра у Джонга қараб сўради: “Сиз менинг оилам ўрнини босасизми?” Қўшимча мулоҳазалар Агар баъзи масиҳийларни эътиқодлари учун қийноққа солиб занжирбанд қилишган бўлса, бошқаларини қариндош-уруғлари ва яқинлари, баъзида эса эътиқоддаги биродарлари ва сингиллари инкор этадилар. Бунинг устига униси ҳам, буниси ҳам — таъқиб ва қувғин ҳисобланади. Бир эслаб кўринг-а, бу Исо билан ҳам юз берганди. Исо ўсиб улғайган жойи Носирага борди. Ўз одати бўйича ибодатхонага кириб тиловат қилди. “Ҳамма Исонинг айтганларини маъқуллар эди. Унинг оғзидан чиққан латиф сўзларга маҳлиё бўлишиб: “Юсуфнинг ўғли эмасми Ўзи?” — деб қўяр эдилар” (Луқо 4:22). Бундан шундай хулоса келиб чиқади: Унга икки баробар кучли эътиқод қилишади. Бироқ хурсанд бўлишга шошилманг. “...Ўз ватанига келиб, ерли халқнинг ибодатхонасида таълим бера бошлади. Улар эса ҳайратда қолиб: - Шундай донолик ва мўъжизакорлик қудрати Унга қаердан насиб бўлди экан? Дурадгорнинг ўғли эмасми Ўзи? Онасининг исми Марям, укалари эса Ёқуб, Юсуф, Симўн ва Яҳудолар эмасми? Унинг ҳамма сингиллари ҳам бизнинг орамизда-ку! Буларнинг барчасига У қандай қилиб эришди экан? — дейишди. Ва ғашланиб, Уни рад қилишди. Исо эса уларга: - Пайғамбар ўз ватани ва уйидан бошқа ерда эътиборсиз бўлмас, - деди” (Матто 13:54–57). Худди ўша диний руҳ ҳамон бизни айблайди ва ҳозирги кунга қадар бизнинг устимиздан кулади. “Сен кимсан ўзи, - дейди имонсизлар, - нима, сен Худога илтижо қиласан ва У сенга жавоб қайтарадими? Биз сингари эски гуноҳкор эмасмисан?!” Ёки бундай: “Биз сен билан йиллаб жамоатнинг бир курсисида ўтирибмиз, сен Худонинг дўстиман деб эътироз овоза қиляпсан”. Шундай руҳга эга бўлганлар доимо эътиқодга қарши чиқадилар ва ҳақиқий имонлиларни таъқиб қиладилар. Ақл учун озуқа Ғарбдаги Масиҳ издошларининг кўпчилиги таъкидлашича, Инжилга ҳаммадан ҳам имон келтирганларнинг яқинлари, уларнинг оила аъзолари кўпроқ таъсирчан бўладилар. Шахсан ўзингиз шундай ҳолатни бошингиздан кечирганмисиз? Исо Масиҳга бўлган ишончингиз учун сизни қачон бўлса ҳам қариндош-уруғларингиз, қўшниларингиз ёки ҳамкасбларингиз таъқиб қилишганми? Келажакдаги тадқиқотлар • Баъзида бизга энг яқин бўлган одамлар ўзимизга қарши чиқишга мойил бўладилар. Масалан, Далида Самсонни сотади (Ҳакамлар 16), Забурда (40:10 ва 54:13–15) Довуднинг гувоҳлик беришича, энг яқин одамлар билан турлича низолар келиб чиқар эмиш; пайғамбар Михо қариндош-уруғлар ўртасидаги юзага келадиган жанжаллар тўғрисида гапиради (Михей 7:6); Яҳудо Исони тутиб беради (Матто 26:23); Димас ва Искандар Павлусни тарк этишди ва кўп ёмонликлар қилишди (2 Тимўтийга 4:10, 14). • Масиҳийларнинг таъқибга учрашига бошқа сабаб — бу Инжилнинг содда, мураккаб бўлмаганидадир. “Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир” (1 Коринфликларга 1:18). 4 — КУН. ЁМОН КЎРУВЧИ ШОГИРДЛАР “Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингизким, сизлардан илгари Мендан нафратланган. Сизлар бу дунёники бўлсангиз эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Ҳолбуки, сизлар бу дунёники эмассизлар; Мен сизларни дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади. <...> Сизларни ибодатхонадан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди. Бу ишларни Отамни ҳам, Мени ҳам танимаганлари учун қиладилар. Буларни сизларга ҳозирдан маълум қилиб қўйяпман, токи ўша вақт-соат келганда, сўзларимни эсга олинглар. Аввалдан сизларга буларни айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки сизлар билан бирга эдим”. (Юҳанно 15:18, 19; 16:2–4) Пол Негрут эски қадрдон дўсти Трайан Дорснинг уйига кирди ва қон оқиб ётган Трайанга кўзи тушди. “Нима бўлди?” — деб сўради безовталанган Пол. “Ҳозиргина Секуритат одамлари келиб кетишди, — деган жавоб эшитилди. — Менинг барча қўлёзмаларимни олиб қўйишди. Сўнгра роса дўппослашди”. Пол махфий полициянинг ёвузликларидан шикоят қила бошлаганда, Трайан унинг гапини бўлди: “Биродарим Пол, Масиҳ учун азоб чекиш нақадар қувончли! Куннинг охирида Худо арз-нола қилиш учун эмас, балки Унга шукроналар айтишимиз учун бизни учраштирди. Биродар, кел тиз чўкиб, биргаликда ибодат қилайлик”. Трайан тиз чўкди ва Худодан махфий полициянинг шахсий таркиби нажот топишини ва марҳаматлашини сўраб, Секуритатлар учун ибодат қила бошлади. Трайан уларнинг ҳаммасини яхши кўришини Худога айтди. “Раббий, — деб ибодат қиларди Трайан, — агар Секуритат аъзолари шу кунларда келишадиган бўлишса, Сендан илтижо қиламан, уларга хизмат қилишга мени тайёрла!” Шу ерда Пол уялиб кетди. Ҳозирга қадар Руминияда Раббий учун ундан бошқа одам бунчалик азоб чекмаган, деб ўйлаб юрарди. Суҳбат чоғида Трайан қандай қилиб махфий полиция агентлари бир неча йил давомида мунтазам равишда унинг уйига келиб туришгани, ҳафтасига икки маротаба дўппослаб уриб, барча материалларини олиб кетишгани ҳақида Полга сўзлаб берди. Одатга кўра ҳар гал калтак егандан сўнг Трайан катта офицер билан суҳбатлашарди. Трайан унинг кўзига тикилганича, унга дерди: “Жаноб офицер, мен сизни яхши кўраман, сиз қуйидаги менинг сўзларимни эслаб қолишингизни илтимос қиламан: агар тақдир тақозоси билан бизнинг кейинги учрашувимиз олий Ҳакам тахти олдида бўлиб ўтадиган бўлса, сиз дўзахга мен сизни ёмон кўрганим учун тушмайсиз, балки сиз менинг севгимни инкор этганингиз учун дўзахга жўнайсиз”. Йиллар ўтди. Бир куни ўша офицер Трайаннинг олдига кирди. Трайан яна навбатдаги калтаклашларга тайёр эди, аммо офицер секингина деди: “Жаноб Дорс, кейинги гал сиз билан олий Ҳакам тахти олдида учрашамиз. Бугун мен сизнинг олдингизга барча қилган ёвузликларим, сизга етказган азоб-уқубатларим учун кечирим сўрагани ва сизнинг севгингиздан менинг юрагим ларзага келганлигини айтгани келдим. Мен Исодан нажот беришини сўрадим. Икки кун олдин шифокор менда саратон касалининг оғир формаси борлигини айтди ва мен бир неча ҳафтадан кейин Худонинг ҳузурига йўл оламан. Бугун мен бу ерга сизлар билан бир томонда эканлигимни айтгани келдим”. Қўшимча мулоҳазалар Исо Ўзининг шогирдларига нисбатан бу дунёнинг нафрати тўғрисида гапиради. У такрор ва такрор “нафрат” деган сўздан фойдаланади. Юнонча miseo сўзи нафрат сўзининг шундай маъносини англатадики, бунда у ўзининг объектига нисбатан душманларча муносабатда бўлгандагина енгиллик ҳис қилади. Бунинг устига, Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарда (16:2) Исонинг айтишига қараганда, бу нафрат шундай кучлики, таъқиб қилувчи ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди. “Хизмат” сўзи билан таржима қилинган latrela сўзи одатда Худога хизмат қилишни, яъни Худога итоат этишни англатади. Дунё имонлиларни ўлдириб, шу йўсинда у гўёки Худони улуғлайди, деб янглиш фикр юритади. Шунингдек, Исонинг айтишича, бу оламда заминий севгидан фойдаланаётганлар, яъни дунё эътиқоди системасини, дунёвий ахлоқ-одобни ва қадриятларни қабул қилаётганлар — Раббийдан эмас. Уларнинг нуқтаи назарида, зеро уларнинг қилаётган иши аъло даражада. Аслини олганда, улар нимадан хавотир қилишлари кераклигини тушунмайдилар. Дунё ҳайратда: нега бу масиҳийлар бошқа кўплаб одамлардай ўзларини тутишни билмайдилар? Нима сабабдан улар бунчалик қайсар, тоқат қилмайдиган ва букилмас иродали бўлишлари керак? Улар ҳаммага ёмон бўлишини истайдилар. Аслини олганда, мутлақо бундай эмас. Агар биз ўзимизга боқсак, ҳеч бир ёмонликни кўрмаймиз. Аммо биз ўзимизни Масиҳ билан солиштирадиган бўлсак, унда тиз чўкиб: “Раббий, мени — гуноҳкор қулингни кечир!” деб, илтижо қиламиз. Ҳақиқий масиҳий ҳукм қилмайди. Унда фақатгина Масиҳнинг солиҳлиги намоён бўлади. Ақл учун озуқа 1. Инжил тарғиб қилинар экан, бизда — ғарбда азоб-уқубатлар ва қувғинлар ҳақида жуда камдан-кам гапирилади. “Тўрт руҳоний қонун”да таъқиблар тўғрисида бирор сўз ҳам топилмайди. Масиҳ ҳақида гувоҳлик бераётганингизда, ўзингиз улар ҳақида бирор нима дейсизми? Сиз азоб-уқубатлар ва таъқиблар ҳақида одамларга гапирганингизда, бундай гаплар уларни чўчитиши мумкин ва одамлар Масиҳни қабул қилмай қўядилар, деб ўйлайсизми? Ёки бўлмаса, одамлар булар ҳақида бошқа йўллар орқали билишлари керак, деб ҳисоблайсизми? 2. Сиз Масиҳга яқинлашганингизда ва Инжилни қабул қилаётганингизда, miseo ва таъқиблар Инжилнинг таркибий қисмлари бўлганми? Ёки сиз булар ҳақида биринчи бор эшитишингизми? Агар сиз ўшанда азоб-уқубатлар ва қувғинлар — бу масиҳий эътиқодининг таркибий қисмлари эканлигини билганингизда, Масиҳнинг издоши бўлишга журъат қилган бўлармидингиз? Қабул қилган қарорингиздан сиз пушаймонда эмасмисиз? Келажакдаги тадқиқотлар Бу дунё Масиҳнинг шогирдларини ёмон кўриши табиий ва муқаррар ҳолдир. Аммо барибир бунга бизнинг муносабатимиз қандай бўлиши керак? “Қариндошингни севгин, душманингдан нафратлан”, - деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин Мен сизга айтаман: душманларингизни севинглар. [Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинг. Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун,] сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар...” (Матто 5:43, 44). “Инсон Ўғлига ён босганингиз учун одамлар сиздан нафратланса, жамиятдан қувғин қилиб, ҳақорат қилса, номингизга доғ тушириб этса бадном, сиз барибир саодатмандсизлар! Ўша кунда севининг, севинчдан ўйнанглар! Зеро сизга само мукофоти буюк бўлур. Пайғамбарларга ҳам оталари шу йўлни тутган” (Луқо 6:22, 23). Павлус гуноҳга қарши курашишни тасвирлар экан, шундай дейди: “Шундан ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман: мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан” (Римликларга 7:15). Бошқача қилиб айтганда, биз гуноҳга (miseo) нафрат билан қарашимиз керак ва шу билан бирга кимки бизни ёмон кўрса (miseo), ўшаларни севишимиз ва марҳаматлашимиз керак. 5 — КУН. БУТРУС БИЛАН ЮҲАННО “Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганда, руҳонийлар, маъбад миршаббошиси ҳамда саддуқий мазҳабидан бўлганлар уларнинг устига бостириб келдилар. Улар Исони ибрат қилиб кўрсатиб, ўликларнинг тирилиши ҳақида халққа таълим бераётганлари учун, дин пешволари жуда аччиқланган эдилар. Бутрус билан Юҳаннони ушладилар ва энди вақт кеч бўлди, деб эртагагача уларни қамоқхонада қолдирдилар. <...> Уларга кенгашдан ташқарига чиқиб кетишни буюриб, сўнгра ўзаро муҳокама қилишга тушдилар. “Бу одамларни нима қилишимиз керак? Уларнинг қўли билан очиқдан-очиқ бир мўъжиза қилинганини бутун Қуддус аҳли билиб олди-ку! Бизлар буни рад қилолмаймиз. Лекин халқ орасида бу гап яна кўпроқ ёйилмаслиги учун уларга дўқ урамиз, яна тағин бу исм тўғрисида бошқа ҳеч кимга сўзламасинлар”, — дейишди. Сўнгра уларни чақириб, Исо номини тилга олиб мутлақо таълим берманглар, деб буюрдилар. Лекин Бутрус ва Юҳанно уларга жавоб бериб: “Ўзларингиз қарор қилинглар, Худодан кўра кўпроқ сизларга қулоқ солишимиз Худо олдида тўғри бўладими? Биз кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз”, — дейишди.” (Ҳаворийлар 4:1–3; 15–20) Мануэл кучли ва ғайратли инжилчилардан бири эди. У Андлардаги кечуа ҳиндулар қабиласининг орасида хизмат қиларди. Кунларнинг бирида “Ёруғ йўл” партизанлар ҳаракати аъзолари сўқмоқда уни тўхтатишди. Бундан кейин тоққа бориб, ҳиндулар орасида Муқаддас Китобни, аудиокасеталарни ва бошқа масиҳий материалларни, хуллас умуман Исони тарғиб қилишни қатъиян таъқиқлаб қўйишди! Қўшимча мулоҳазалар Масиҳийни катта шижоат билан Исо Масиҳга гувоҳлик беришдан ўзга нарса қувғин ва таъқибларга учратмайди. Хушхабарга қаршилик кўрсатилаётган кўплаб мамлакатларда масиҳийларга йиғилишлар ўтказишга, ибодат қилишга, Муқаддас Китобни (агарда китоб уларда бўлса) ўқишга ва Исо Масиҳ ҳақида ўзаро суҳбатлашишга рухсат этилган. Бироқ Исо ҳақида кимгадир нималарнидир айтиб Уни тарғиб қилиш қатъиян манъ этилган. Шундай мамлакатлар борки, у ерда Масиҳга юз тутишни даъват этганларни қамоққа оладилар ва ҳатто ўлдирадилар ҳам. Америка Қўшма Штатларининг давлат ўқув юртларида Масиҳ ҳақида гапиришни қонун таъқиқлайди. Сўнгги пайтларда Исо Масиҳни кўчаларда ваъз қилаётганларни тўхтатиб жарима соладилар ва уларни қамоққа ташлайдилар. Ишхоналарда У ҳақда гапириш эса, кўпинча ноқонуний ҳаракат сифатида қабул қилинади. Ақл учун озуқа Масиҳга шоҳидлик қилганингиз учун сизни қачонлардир азоблаганларми? Худди шундай таъқибни бошидан кечирган кимса ҳақида бирор нимани биласизми? Агар мамлакатингизнинг ҳукумат аъзолари Хушхабарни тарқатишни қонундан ташқарида деб эълон қилса, сиз бундай қонунга бўйсунасизми ёки ҳукумат қонунни бузиб, унинг аянчли оқибатларидан азоб чекишга қарор қиласизми? Келажакдаги тадқиқотлар Азиз Ҳаворийларнинг фаолияти Китобида таъқибга учраганлар ҳақида кўп мисоллар келтирилган: • Ҳаворийлар фаолияти Китобидан 5-боб 17–42-оятларини ўқинг. Олий руҳоний ва унинг саддуқий мазҳабидаги барча маслакдошларининг қувғинига Бутрус ва бошқа ҳаворийлар дуч келишдан қўрқмаганликларини билиб олинг. • Ҳаворийлар фаолияти китобининг 6:8 — 7:60 ида имони комил, илоҳий қудратга тўлган ва ажойиб мўъжизалар кўрсатган Стефан исмли бир йигит тасвирланади. Масиҳий Жамоатга, шахсан Стефанга ҳужум қилинади ва эндигина оёққа тураётган жамоаларни таъқиб қилиш ана шундан кенг тарқалади ва шиддат билан ўсиб боради. • Ҳаворийлар фаолиятидан 12-боб 1–19-оятларни ўқинг. Бу ерда Бутруснинг яна бир марта қамоққа олиниши ва Раббий уни қамоқдан мўъжиза туфайли қутқариб, таъқиб этилаётган Жамоатни мустаҳкамлагани ҳақида ҳикоя қилинади. • Ҳаворийлар фаолиятида 16:16–40-оятларда — Худо Павлус ва Силанинг ҳибсга олинишидан фойдаланиб, руҳоний бошлиқларни уятга қолдирмоқчи бўлгани ва барча асирларни, зиндондагиларни ва уларнинг қариндош-уруғларини қутқариши ҳақидаги ажойиб воқеа ҳикоя қилинган. • Булардан ташқари, Павлус дуч келган кўплаб бошқа қувғинлар ҳақида ўқиш мумкин: Антиохияда (Ҳаворийлар 13:50), Икония шаҳрида (Ҳаворийлар 14:5), Листрада (Ҳаворийлар 14:19,20), Салоника шаҳрида (Ҳаворийлар 17:5), Верияда (Ҳаворийлар 17:13), Коринф шаҳрида (Ҳаворийлар 18:6), Юнонистонда (Ҳаворийлар 20:3) ва Қуддус шаҳрида (Ҳаворийлар 21:27). Амалий машғулотлар Ҳозирда бутун оламда кўплаб биродарларимиз ва сингилларимиз Исо Масиҳга қилган эътиқодлари учун қамоқхоналарда жабр-зулм тортмоқдалар. У ердаги шарт-шароитлар машаққатли ёки содда қилиб айтганда, даҳшатли. Асирларга озиқ-овқат бир кунда аранг бир маротаба берилади. Асирликда азоб чекаётган биродар ва сингилларимизнинг ҳолатини ҳис қилиш учун сиз ўқимоқчи бўлган севимли газетангиздан, ичмоқчи бўлган газланган сувингиздан, емоқчи бўлган лаззатли ширинликлардан ва шунга ўхшаш нарсалардан бир ҳафтага, ёки ундан ҳам кўпроққа воз кечиб кўринг. 6 — КУН. ТАЪҚИБЛАР ЛАЗЗАТИ “Бунинг устига, қайғулар билан ҳам фахрланмоқдамиз, чунки қайғу сабр-қаноатни ҳосил қилишини биламиз. Сабр-қаноат эса тажрибакорликни, тажрибакорлик эса умидни ҳосил қилади. Умидимиз бўлса, бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худо севгисига тўлиб-тошади”. (Римликларга 5:3–5) Фредди Сан Масиҳга ишонгани учунгина Хитойда узоқ йиллар давомида асирликда яшади. Бандилик Фредди учун том маънода оловли синов бўлди. У фабрикада қуйма металлардан тройниклар ясарди. Ҳар куни у Цельсия бўйича бир ярим минг градус бўлган металл эритувчи печни хом ашё билан тўлдирарди, сўнгра ундаги массани бўшатарди. Заминдаги бу дўзахда Раббий у билан суҳбатлашди. «Бу юқори иссиқликдаги печнинг олдига сени Мен қўйдим. Бу эса сени асло хавотирлантирмасин. Сен нобуд бўлмайсан, аммо сенинг нопоклигинг эриб йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун ҳам сендан яхшигина тройник чиқади!» Қўшимча мулоҳазалар Илоҳий Шоҳлик қонунлари бўйича яшовчи масиҳий учун таъқиблар, темир учун мартен печи кабидир. Юқори даражадаги махсус камерада темир лом, чўян ва оҳактон эрийди, уларга керакли бўлган эритмалар қўшилади ва пўлат ҳосил бўлади. Кейин сопол пробкалар чиқарилади ва пўлатни печдан қуйиб олинади. Юзасига кўтарилган тошқоллар олиб ташланади, пўлат эса металл формаларга қуйилади. Ишлатишга пўлат прокатдан кейин тайёр бўлади. Қуйма формалардаги чўян идишларни Цельсия бўйича 1200 градусли температурадан юқори бўлган шахтага жойлаштирилади ва у ерда оппоқ оқариб юмшагунча қиздирилади. Сўнгра бу қуймани бир неча оғир каткалар орасида у ёқдан–бу ёққа отилади ва керакли размердаги чўян прокатга айланмагунича шундай ҳаракат такрорланаверади. Тобланиш жараёнида пўлатга зарур хусусиятлар берилади. Бу муолажалар металлнинг ички тузилишини ўзгартиради. Ниҳоятда юқори даражагача қиздирилган пўлатни тезлик билан сувга, ёғга ёки бошқа суюқликка солиб, совутилади. Кейин уни яна қиздиришади, лекин олдингига қараганда пастроқ ҳароратда ва сўнгра энди секин совишига имкон берилади. Ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг сифати температура режимининг ўзига хос хусусияти билан белгиланади. Худди шу тариқа Худо ҳам Унинг иродаси ва мақсадларига биноан, Ўзининг ҳар бир боласида белгилаб қўйган қувғинларнинг сони ва ўлчовини кузатади. Энг кучли имонлилар — бу ҳаммадан ҳам яхши тобланган ва чиниққанлардир. Ақл учун озуқа 1 Коринфликларга Мактубнинг 10-боб, 13-оятида Павлус коринфликларга шундай дейди: “Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради”. Исонинг Ўзи эса Павлусга, у билан бирга ҳаммамизга дейди: “Сенга берган иноятим етар, Менинг қудратим заифликда тугал бўлади” (2 Коринфликларга 12:9). Сиз васвасага тушмаслигингиз ёки қувғин ва таъқиблар вақтида уларга бардош беришингиз учун, Раббий сизни етаклаб олиб ўтадиган чиниқишнинг усул ва методларини кўриб чиқинг. Ожизлигингизда Унинг кучи сизни қандай қўллаб-қувватлаганини ўйлаб кўринг. Келажакдаги тадқиқотлар • Худо покланиш ёки суннат қилиш деб номлаган иноятларга ҳам таъқиблар белгиланган. Юҳанно баён этган Хушхабарнинг 15-боб 2-оятида шундай дейилган: “Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди”. • “Лекин У менинг йўлимни билади; майли мени синасин, - мен синовдан олтиндай пок чиқаман” (Аюб 23:10). • Шоҳ Довуд хурсанд: “Жафо тортмасдан олдин адашар эдим, энди эса каломингни тутмоқдаман” (Забур 118:67). • Ибронийларга Мактуб 12:11 да эса шундай дейилган: “Ҳар бир танбеҳ ҳозирги замонда севинч эмас, қайғу бўлиб кўринади. Аммо шу тариқа тарбияланганлар учун кейин солиҳлик ва тинчлик самараси униб-ўсади”. Амалий машғулотлар Масиҳнинг миллионлаб издошлари, хусусан Хитойда, ҳозирги кунга қадар ўз Муқаддас Китобларига эга эмаслар. Худонинг Каломига эга бўлган бахтиёр соҳиблар то уни овоз чиқариб ўқигунларига қадар, қолганлар кейин ёдлаб олиш учун эшитганларини тезликда ёзиб оладилар. Шундай қилиб, кўплаб имонлилар ўзларининг қўлёзма Муқаддас Китобларига эга бўладилар. Қувғинга учраган биродарларимизнинг ҳолатини яхшироқ ҳис қилиш учун, ўз Муқаддас Китобингиздан ҳеч бўлмаганда бир бобини кўчириб олинг. Агар сиз ушбу қўлланмадан имонлилар тўгарагида ўқиш учун фойдаланмоқчи бўлсангиз, гуруҳдошларингизнинг биридан Муқаддас Китобни “ижара”га олиб туринг ва ундан бир бобни кўчириб олинг. Сўнг Муқаддас Китобни яна бир шерингизга беринг, у ҳам бир бобини кўчириб олсин. Гуруҳ аъзоларининг барчаси бир бобдан кўчириб олгунга қадар, Муқаддас Китоб қўлдан–қўлга ўтиб юраверади. Гуруҳ аъзоларининг сонига ва “таъқибчиларнинг ғазаби”га қараб буни бир машғулот давомида ўтказиш мумкин. Ёки бўлмаса, машғулотлар орасида — Муқаддас Китобни сиз гуруҳдошингизга бериш учун унинг уйига борганингизда, ва ниҳоят Муқаддас Китоб ўз эгасини қўлига етиб боргунга қадар бу жараён шундай давом этаверади. Ўзингиз учун Муқаддас Китобдан бир бобни кўчириб олгач, сиз уни беркитиб қўйиш учун шундай жой топишингиз керакки, токи уни сиздан мусодара қилиб, Худонинг Каломини сақлаётганингиз учун сизни ҳибсга олишмасин. 7 — КУН. ИМОНЛИНИНГ СИЙМОСИ “Мен ўйлайманки, Худо биз — ҳаворийларни гўё намойишда охиргилар қаторида юргизиб, ўлимга маҳкум бўлганлар каби майдонга келтирди. Биз фаришталарҳамда инсонлар олдида, қолаверса, бутун коинот олдида бир томоша бўлдик. Бизлар Масиҳ учун гўё алқсизмиз, лекин сизлар Масиҳ соясида ақллисизлар! Биз заифмиз, сизлар эса кучли! Сизлар шон-шуҳратли, биз эса эътиборсизмиз! Ҳатто шу вақтгача оч-яланғочмиз, чанқоқлик ва калтакларга чидаймиз, саргардон бўлиб юрибмиз. Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз. Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз. Ҳозиргача биз ҳамманинг ахлати, ҳатто дунёнинг супуриндиси бўлиб юрибмиз. <...> Шунинг учун сизлардан ялиниб сўрайман: [мен Масиҳдан ўрнак олганимдек] мендан ўрнак олинглар”. (1 Коринфликларга 4:9-13, 16) Уилсон Ченни Вьетнамдаги энг даҳшатли, варвар лагерида қайта тарбиялаш учун беш йилга ҳукм қилишди. Кун бўйи уни дўстлари билан биргаликда икки букилиб жунглиларни тозалашга, дарахт кесишга ва ерга ишлов беришга мажбур қилишарди. Кечқурун эса “идеологик ишлов беришга” мубтало этишарди, бу эса руҳий азоб етказарди. Махбуслар доимо қочиш тўғрисида ўйлашарди. Лагердаги ҳаётни тутиб туриш учун ундаги бериладиган паёклар аранг етарди. “Доимий шафқатсизлик онгни ва юракни заҳарларди, — деб эслайди Уилсон, — ҳар доим оч-ноҳор юриш эса танага зиён етказарди”. Оч қолган маҳбуслар нимани бўлса топиб, тановул қилардилар. Уилсон бошқа маҳбуслар билан биргаликда каламушларни, қурбақаларни, чувалчангларни, илонларни ва қурт–қумурсқаларни ахтарардилар, топишлари биланоқ тириклайин оғзиларига солиб, чайнамай ютишарди ва шу йўсинда бир амаллаб очликни қондирардилар. Уилсоннинг эслашича, очликдан баъзилар эс-ҳушларини йўқотиб қўяр эдилар. Бошқалар эса ўз жонига қасд қилардилар. Яна кўпчилик очлик келтириб чиқарадиган турлича касалликлардан ўлиб кетардилар. Уилсон бу ҳаётда муваффақиятга эришишни ва яхши кўрган қизига уйланишни орзу қиларди. Лекин жазони ўташ сўнгида, лагердаги ҳаётнинг бешинчи йилида унга шум хабар етиб келди: севган қизи унга бевафолик қилди — бошқа бир кимсага турмушга чиқиб, Вьетнамдан кўчиб кетибди. “Раббий Исо Масиҳга бўлган ишончим мени тарк этмасди, шунинг учун ҳам мен тирик қолдим, — дерди у. — Мен яширинча Ёзувни ўқирдим, зеро унда менинг ишончим мужассам эди”. Ушбу даҳшатли ва тиканли сим ортида Уилсон имкон топилди дегунча Раббийга хизмат қилишга ваъда берди. Аммо Муқаддас Руҳ унга деди: “Бу ерда аллақачон сенда имконият мавжуд!” Кўп ўтмай Уилсон билан бирга бўлган маҳбуслардан учтаси Раббийга имон келтирдилар. Лагерда орттирган тажриба Уилсонга Исо Масиҳнинг тортган азобларининг моҳиятини англашга катта ёрдам кўрсатди. Бундай ўй-фикрлар бемажолликда унга куч-қувват берди. «Дард-аламда Исо менга тинчлик ато этди». Қўшимча мулоҳазалар Ёзувдан олинган бугунги парчада Павлус ҳосил берадиган, етук масиҳийларнинг баъзи-бир “танитувчи белгилари”ни кўрсатади: одамларнинг кўз ўнгида улар ўлимга ҳукм қилинганлар, дунё учун улар — фақатгина томоша, Масиҳ учун эса улар — телба, бемадор, азоб-уқубатда юрганлар, оч ва яланғочлар, хўрлик ва калтаклашларни бошдан кечирадилар, дарбадарликда юрадилар, уларни ҳақоратлашади, қувишади, сўкишади, улар дунё учун чиқинди ҳисобланадилар, ҳамма жирканадиган тирик мурдалардир. Агар буларнинг ҳаммаси мен билан юз бермаган бўлса, мен ҳеч кимга керак эмас, хом имонли ҳисобланаманми? Асло йўқ. Мабодо агар юқорида санаб ўтилганлардан биронтаси ҳам биз билан содир бўлмаса, демак, бу бошқа мамлакатдаги бизнинг биродарларимиз ва сингилларимиз билан юз бераётганлиги ҳақида биз ўйлаб кўришимиз керак. Бизнинг орамиздан қувғинга учрамаётганлар ўз эътиқоди учун қувғинда ва таъқибда юрганларни юпатишимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак. Ақл учун озуқа Ҳаворий Павлус Коринфликларга Биринчи Мактуб 11:1 да шундай ёзади: “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. Павлус Масиҳга фақатгина эргашишни даъват этадими, ёки Масиҳ учун азоб-уқубат чекишга ҳам чорлайдими? Луқо баён этган Хушхабардаги Павлуснинг даъватини (9:23) Масиҳ амри нуқтаи назаридан кўриб чиқинг: “...Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин”. Келажакдаги тадқиқотлар • Юҳаннонинг Биринчи Мактубида 3:2 шундай дейилади: “...Эй маҳбубларим, ҳозир биз Худонинг болалари бўлсак-да, келажакда нима бўлишимиз ҳануз ноаниқ. Фақат шуни биламизки, Исо Масиҳ зоҳир бўлганда, биз У сингари бўламиз: У қандай бўлса, шундай ҳолда кўрамиз”. Ҳар бир инсон Худо Ўғлининг қиёфасига киришини Худо хоҳлайди. Ишаё китобининг 53:1–10-оятларини ўқинг. • Биз фақатгина Масиҳга ўхшаб қолмаслигимиз керак. Биз Унинг ажойиб ва ғалаба қозонувчи Келинига ўхшашга даъват этилганмиз. Сулаймоннинг гўзал Қўшиқларини, Ҳикматлар Китобидаги 31-бобни ва Ваҳий Китобидаги 21:9–27-оятларни ўқиб чиқинг. 8 — КУН. ХУДОГА ШУКУР “Хизматимиз қораланмасин деб, ҳеч кимга ҳеч қандай халақит бермаймиз. Худонинг хизматкорлари сифатида ўзимизни ҳамма соҳада ибрат қилиб кўрсатамиз: чексиз сабр-тоқатда, ғам-қайғуларда, танқисликларда, тангликларда, зарбалар остида, зиндонларда, тўполонларда, заҳматларда, уйқусизликда, рўза тутишда, покликда, доноликда, тўзимлиликда, меҳрибонликда, Муқаддас Руҳ кучида, самимий муҳаббатда.Ҳақиқат каломини айтиб, Худонинг қудратига суяниб, ўнг ва сўл қўлда солиҳлик қуролларини тутиб юрибмиз. Шараф ва иснодга, ҳақорат ва мақтовга дуч келяпмиз. Бизни алдамчи ҳисоблайдилар, аммо ҳақиқатгўймиз. Номаълуммиз, аммо бизни ҳамма билади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортяптилар, аммо ўлмаяпмиз. Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмизу, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғу, аммо ҳамма нарсага эгамиз”. (2 Коринфликларга 6:3–10) “Қарор” (Decision) журналида Эфиопиялик миссионер Билл Харднигнинг қуйида келтирилган ҳикояси эълон қилинган эди: «1990 йилда бўлиб ўтган қайта қуриш жараёни Россия ва Шарқий Европага кўплаб ўзгаришларни олиб келди, маълум бир маънода Эфиопиягача етиб келди. Мамлакат ҳукумати халққа эътиқод қилиш эркинлигини қайтариб берди, ўшандан бошлаб “яширин” жамоалар ҳам озодликка чиқди! Жамоа раҳбарларининг тавсиясига биноан саккиз йил ичида эндигина биринчи бор жамоа конференциясини уйимизнинг рўпарасида жойлашган майсазорда ўтказишга биз рози бўлдик. Йиғилишга турли “яширин” жамоа ташкилотларидан тахминан бир мингга яқин аъзоларнинг келишини кутган эдик, бироқ Эфиопиянинг бутун жанубий қисмидан ўн мингга яқин катталар ва болалар келишди. Уларнинг баъзилари бизга тўпланиш имкониятини бергани учун Раббийга шукроналар ва ҳамду санолар айтишга икки, ҳаттоки уч кунлик йўлни босиб келишибди. Баъзида қуйиб турган ёмғир остидаги тўрт кун давомида куйланган саноларни ва айтилган ваъзларни биз ҳеч қачон унутмаймиз. Бир куни кечаси гумбирлаган момақалдироқ ва уйнинг темир томига шалдираб тушаётган ёмғирнинг кучли гулдироси Грейс иккимизни уйғотиб юборди. Бироқ она табиатнинг шовқини ичида биз яна бошқа товушларни ҳам эшитдик: Худони улуғлаб, мадҳ этувчи овозларни. Грейс иккимиз бир-биримизга қарадик ва йиғлаб юбордик. Биз қувғинга учраган ва кўплаб азоб-уқубатларни бошидан кечирган қимматли Масиҳ аскарлари ҳақида ўйлаганимизда, ҳис-ҳаяжонимизни ифодалашга сўз топа олмас эдик. Эндиликда эса улар очиқчасига, ҳамманинг кўз ўнгида Худонинг борлигига, шу ёмғирнинг ёғаётганлигига Унга шукроналар айтишар, барча ўнғайсизликларга қарамасдан йиғилишда Унга ҳамду саноларни куйлашга имкониятлари борлиги учун ҳам шукрлар қилишар эди!» Қўшимча мулоҳазалар Ҳаворий Павлус ҳар доим мамнуният пайдо қилишни ўрганди. У бу тўғрида Филиппиликларга Мактубнинг 4-боб 11–13-оятларида ёзади: “Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ. Чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл-кўлчиликда ҳам ҳаёт кечиришни биламан. Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, ҳам фаровонликда яшаш, ҳам муҳтожликда қолишнинг сирларини ўрганганман. Мени қўллаб-қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан”. Қувғинларда қатъий туришнинг сабаби жуда оддий: ўзингизнинг азоб-уқубатларингизга эмас, балки Исо Масиҳга боқиш керак. Ер юзида ҳаммадан ҳам кўп азоб-уқубатни Исо тортган. Шундай бўлса-да, Унинг ҳаёти ва ўлими Худонинг таъна ва маломатига эмас, Унинг улуғворлигига хизмат қилди. Джон Фокс азоб-уқубат тортувчи илк масиҳийларнинг ҳаёти ва ўлими тўғрисида кўп ёзган. Қуйида катакомбаларда (ертўлада — изоҳ тарж.) жойлашган жамоа ҳақида ҳикоя қилинади: «Рим ён-атрофида тахминан 60 га яқин катакомбалар мавжуд бўлиб, уларда 1000 километрча штолнялар (горизонтал ёки қияроқ ковланган ер ости йўли — изоҳ тарж.) ётқизилган, бу ҳали ҳаммаси эмас. Штолняларнинг баландлиги 2,5 метр, кенглиги — бир метрдан бир ярим метргача. Штолняларнинг икки тарафидан ҳам бир неча қатор узун, унча баланд бўлмаган горизонтал токчалар биринма–кетин устун қилиб, худди кораблдаги каравотлар сингари жойлаштирилган. Ана шу токчаларда ўлик мурдалар ётарди. Токчаларнинг олди тарафига катта мармар тошлаб қўйилган бўлиб, қурилиш қоришмаси билан дағал қилиб сувалган. Мармар тошларга ёки сополга эпитафиялар (қабр тошига битилган ёзув — изоҳ тарж.) ёки бўёқ билан чизилган намуналар ёзилганэди. Мажусийлар ва масиҳийлар ўлган қариндош-уруғларини шу ерга — катакомбаларга дафн қилишар эди. Масиҳийларнинг қабрлари очилганда, қийноқлардан гувоҳлик бериб турувчи даҳшатли суяклар топиларди: танадан жудо қилинган калла, синдирилган қовурға ва умуртқа суяклар, булардан ташқари, жуда кўп суяклар кул қилиб куйдирилган экан. Қувғинларнинг бундай оғир оқибатларига қарамасдан, тошдаги ёзувлардан тинчлик-хотиржамлик, хурсандчилик ва тантана уфуриб турар эди. Мана улардан баъзи-бирлари: “Бу ерда Марция осуда уйқуда ётибди”; “Фаришталар олиб кетган азиз ўғлим Лоренцияга”; “Тинчлик ва Масиҳда ғалаба қозонувчи” — қабр ичида ётган одамларнинг суяклари оғир қийноқлардан, оловли мусибатлардан дарак берар эди. Ушбу эпитафияларнинг ички руҳи айтилганлардан кескин фарқ қилар эди, масалан мана бундай: “Ҳозирги кун билан яшагин, гарчанд қолган ҳамма нарсага ишонч йўқ”; “Йигирма ёшимда менинг ҳаётимни тортиб олиб қўйган худоларга қўлларимни чўзаман, зеро мен уларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган бўлсам ҳам”; “Қачонлардир мен йўқ бўлганман, аммо мен буни билмайман, шунинг учун ҳам кўп хавотир бўлмайман”; “Йўловчи, ўтиб кета туриб мени койигин, ахир, мен зимистондаман ва сенга жавоб бера олмайман”». Онг учун озуқа Ҳузур-ҳаловатнинг сабаби — шукроналар айтишда. Ранж-аламга тўғри йўл эса — биз марҳаматга эришдик деб ҳисоблашдан иборатдир. “Ҳамиша хурсанд бўлинглар, тинмай тоат-ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу — Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар” ( 1 Салоникаликларга 5:16–18). Сиз норозилик намоён қилган ўша турмуш соҳалари ҳақида ўйлаб кўринг. Шундай шароитлар ёки вазиятлар учун сиз сўнгги марта қачон Худога шукроналар айтгансиз? Ҳозироқ ҳаммаси учун Унга ҳамду сано айтишни бошланглар. Ҳар доим Худога шукроналар айтишни сизга эслатиб турувчи қоғозчаларни ёзиб қўйинг, сўнгра сиз норозилигингиз йўқолиб бораётганлигини кузатиб туринг. Келажакдаги тадқиқотлар Тақиб ва қувғинларга қатъий туриш — бу нафақат руҳнинг, балки ақл-идрокнинг ҳам маҳсулидир. • Эфесликларга Мактубнинг 4-боб, 23-оятида шундай дейилган: “...Янги фикрга, руҳга эга бўлинглар”. Дунёвий мақсад ва тафаккур методларини эзгу ниятларга — Худо Каломини ўқиш ва Худонинг иродасини билиш билан алмаштирилган тақдирдагина бунга эришиш мумкин. • Филиппиликларга Мактуб 4:8–9 да Павлус ўзининг сирларидан бирини очиб беради: “Хуллас, эй биродарлар, нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фахрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли ҳислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилинглар. Сизлар мендан нимани ўрганиб қабул қилган бўлсангиз, нимани эшитиб, кўрган бўлсангиз, ўшани қилинглар, шунда тинчлик берган Худо сизларга ёр бўлади”. • Умуман, қатъиятлиликнинг асоси — бу тўғри ва аниқ мақсаддир. “Сиз аввало, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси қўшимча қилиб берилади” (Матто 6:33). 9 — КУН. МАСИҲИЙЛАРНИНГЖАРОҲАТЛАРИ “...Мен Раббим Исонинг жароҳатларини ўз танамда олиб юрибман”. (Галатияликларга 6:17) Марта — ёшгина Хитойлик масиҳий қиз келин бўлишга фотиҳа қилиб қўйилган эди. Лекин тўйни икки йилга суришга қарор қилди, чунки баъзи ҳудудларда Муқаддас Китобга ўта эҳтиёж сезилганлиги туфайли ўша жойларга Муқаддас Китобларни етказиб бериш учун Худонинг даъватига “Лаббай!” деб жавоб берди. Дэвид Уонг бизга қуйидаги ҳикояни сўзлаб берди: «Мен Сиань шаҳрида Марта билан бўлиб ўтган учрашувни эслайман. Учрашувни соат 9 га белгилаган эдик, аммо кечаси бирда учрашдик. Яқин атрофдаги қишлоқларнинг бирида Муқаддас Китобларни тарқатаётганлиги туфайли қиз кеч қолибди. Маҳаллий аҳоли ҳукумати унинг фаолиятидан хабар топгач, Мартани тутиб олиб калтаклашибди, бор-бутини олиб қўйиб, саҳронинг ўртасида ташлаб кетишибди. Қизнинг учрашувга кеч қолиб бўлса ҳам етиб келгани қандай мўъжиза! Мартанинг аҳволи оғирлиги яққол кўриниб турарди. Ўзи озғин, калтакларнинг зарбидан юзлари шишиб кетган. “Нима бўлди? Сени шунчалик калтаклашдими?” “Йўқ, анчадан бери ўзи шундай”, — деб жавоб берди қиз оёқларидаги куйган жойларининг ва пашша чаққанидан кейин қолган чандиқларни кўрсатиш мақсадида шалварининг пойчаларини шимарди. Хитойнинг узоқ қишлоқ худудларида саёҳат қилиб юрар экан, қиз кўпинча ташландиқ харобаларда ухларди, ҳатто баъзида очиқ далаларда тунашига тўғри келарди. Уни том маънода пашшалар ва қумурсқалар еб тугатган эди. “Эртага биз иккимиз шифокор қабулига борамиз”, — уни кўндиришга ҳаракат қилдим мен. “Йўқ, йўқ, — деб эътироз билдирди у, — эртага Ички Монголия худудларига жўнайдиган поездга улгуриб боришим керак. Муқаддас Китоблар қани?” Мартани фақат бир нарса хавотирга соларди — Ички Монголияга тезроқ Муқаддас Китобларни етказиб олиб бориш! 1983 йилнинг август ойида Марта кўздан ғойиб бўлди, бедарак йўқолди. Буларнинг ҳаммаси Хитойда, “урушга қарши кампания” вақтида юз берди. Ҳамма жойда масиҳийларни тутиб қатл қилишар эди. Биз Мартадан жуда хавотирландик. Кейинроқ қиз биродарларимиздан хат бериб юборибди. Аслида бу хат эмас, бир парча қоғоз эди. Қизни “диний афъюн”ни тарқатувчи сифатида айблаб, Хитой Халқ Республикасида тутиб олишибди. Қисқача хатда шундай дейилган эди: “Мени қандай жазо кутаётганлигини билмайман, аммо сизлардан ўтиниб сўрайман, мен учун ибодат қилинглар”. Марта ўз хатини Павлуснинг сўзлари билан якунлабди: “...Ҳар турли дуо ва ёлворишлари билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар” (Эфесликларга 6:19, 20). Бир неча кундан кейин эндигина йигирма тўрт баҳорни қаршилаган Мартани қатл қилишганлиги тўғрисидаги шум хабар бизга етиб етиб келди. Эътиқод учун тўланган ҳақ мана шундай эди». Қўшимча мулоҳазалар Ҳозирги кунда кўплаб масиҳийлар ўз таналарида Раббий Масиҳ жароҳатларини олиб юрибдилар. Катталарни ва болаларни қамоққа оладилар ва қийноққа соладилар. Лотин Америкасида ва ислом давлатларида масиҳийлар радикал фундаменталистлар зулмидан азоб чекадилар. Лекин бошқа жароҳатлар ҳам мавжуд. Бу жароҳатларни ўз эрларини ва боқувчисини йўқотган бева ва етимларнинг кўзларига қараб кўриш мумкин. Бу ота-онасидан мажбуран айрилган болаларга етказилган руҳий жароҳатлардир. Бу — Покистоннинг хароб кулбаларида, Миср шаҳарларининг ахлатхоналарида ва Судандаги қочоқларнинг лагерларида яшаб, очликдан, қашшоқликдан ва саводсизликдан азоб чекаётган имонлиларнинг тирик қолиши учун курашдир. Ғарбда, эҳтимол, бундай жароҳатлар унчалик кенг тарқалмагандир. Бу ерда масиҳийлар қамчига қараганда, пряниклардан кўпроқ азоб чекаётган бўлсалар керак. Уларнинг душмани қулайликлар, шаҳвоний нафс балоси, бахиллик ва хасисликдир. Уларни айш-ишрат кўр қилади, бизнес йўлдан оздиради, гуноҳкорлик ҳисси ташвишга солади. Онг учун озуқа Сизнингча, одамларнинг Америка ва Европада руҳан ўсиши қийинроқми ёки имонлиларни очиқдан-очиқ таъқиб қилаётган Хитой ва Кубага ўхшаган мамлакатлардами? Нима учун? Келажакдаги тадқиқотлар Масиҳийлар таналарида кулфатлардан азоб берувчи жароҳатларни ва мулкчиликка асосланган жароҳатларни олиб юрадилар. • Чиқиш Китобининг 21-боб, 5–6-оятларида эркинликка чиқарилаётган бир қул ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қул ўз хўжайинини шундай яхши кўрган эканки, уни асло ташлаб кета олмабди. “Шунда қул: — Мен хўжайинимни, хотинимни ва болаларимни яхши кўраман, озод бўлиб чиқиб кетмайман, — деб айтса, хўжайини уни ҳакамлар ҳузурига олиб келсин. Хўжайин унинг қулоғини эшикка ёки эшик ромига қўйиб бигиз билан тешсин. Ўшанда бу одам умрининг охиригача хўжайинига қул бўлиб қолади”. Сизнинг қулоғингизда Масиҳнинг бигизидан тамға қолганми? • Ҳизқиё Китобининг 9-бобида Исроилнинг қолган-қутган халқини поклаш ҳақида ва шаҳарда юз бераётган қабиҳликлардан сиқилиб зорланган кишиларнинг пешонасига бирон белги қўйилиб, ҳамма бошқа одамларни раҳм қилмай ўлдириш ҳақида, фақатгина пешонасига белги қўйилган биронта одамга ҳам зарар етказмаслик ҳақида гап боради. Халқлар оғир гуноҳга йўл қўйганлар, тамғасиз ҳар қандай одам қилич билан чопиб ташланиши керак эди. • Ҳаворийларнинг моҳияти — тугал сабр-қаноат, ажойиб ва қудратли мўъжизалар ҳақида 2 Коринфликларга Мактубнинг 12-боб, 12-оятида санаб ўтилган. • Албатта, маъно жиҳатдан қарама-қарши белги — Ваҳий Китобининг 13-боб, 16-оятида ҳикоя қилинаётган ҳайвон белгиси ҳам мавжуд. Бундай тамға каттаю кичикнинг, бою камбағалнинг, эркину тутқиннинг ўнг қўли ёки пешонасига босилсин, деб фармон чиқарилган. “Шундай қилиб, ким ҳайвоннинг тамғаси, яъни унинг оти ёки отининг сонига эга бўлмаса, мутлақо олди-сотди қилолмас эди” (Ваҳий 13:17). • Аюбнинг 15:22 да айтиши бўйича, “...фосиқлар оғриқда бўлади, уларнинг тақдири қиличдир”. • Эфесликларга Мактуб 1:13 да ҳикоя қилинишича, биз нажот тўғрисидаги Хушхабарни эшитиб, Масиҳга имон келтирганимизда, имонимиз тасдиғи ўлароқ, Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳга тўлган бўламиз. 10 — КУН. КЎЗ ИЛҒАМАЙДИГАН ДУШМАН “Чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир”. (Эфесликларга 6:12) Угандадаги йирик жамоатлардан бирининг қавмбошиси Кефе Семпангини, то мамлакатдан чиқиб кетмагунча, золимона ўч олишга таҳдид қилиб қўрқитишди ва бир неча бор унинг ҳаётига суиқасд уюштиришди. 1973 йили Фисиҳнинг биринчи куни махфий полициячиларнинг қўлига тушганда, ҳаётдан ажралиб қолишига сал қолди. Махфий полиция қотилларини диктатор Иди Амин Нубиийдан ёллаб олган эди. Узоқ давом этган ибодатдан сўнг қавмбоши Семпанги кийимини алмаштиришга ичкари хонага кирди. У шунақанги чарчаган эдики, унинг кетидан кирган беш нафар номаълум кишиларни пайқамади ҳам. “Узоқдаги жабр-зулмлар” номли китобида ҳодисалар ривожини Семпанги шундай тасвирлайди: «“Биз сени ўлдирамиз, — деди босқинчиларнинг бошлиғи Семпангининг юзига милтиқни тираб. Қолган бандитлар уни ўраб олишди. — Агар ўлиминг олдидан айтадиган сўзларинг бўлса, гапир!” “Мен аллақачон йўқман, — худди четдан янграгандай ўз овозини эшитди Семпанги, — мен ўз руҳимни Масиҳга топширганман. Лекин сизларнинг руҳингиз хав-хатарда; сиз ўз гуноҳларингизда ўликсизлар. Сизлар мени ўлдирганингиздан кейин, Худо сизга раҳм-шафқат қилишини ва абадий ўлимдан қутқаришини сўраб ибодат қиламан”. Босқинчиларнинг бошлиғи қуролини туширди ва қолган бандитларга ҳам шундай қилишни буюрди. “Биз учун ибодат қиласанми?” — сўради у. “Ҳа”, — деб жавоб қилди Семпанги. Ҳаммалари биргаликда ибодат қилиш учун тиз чўкишди. “Самовий Ота... Сен олдин ҳам одамларнинг гуноҳини кечириб келгансан, ҳозир ҳам бу одамларнинг гуноҳини кечиргин. Бу одамларни гуноҳда ўлишига йўл қўйма, уларни Ўз бағрингга олгин”. Новчадан келган бошлиқ биринчи бўлиб гапирди. “Сен бизга ёрдам қилдинг, — деди у, — биз ҳам сенга ёрдам қиламиз. Команданинг бошқа аъзолари билан гаплашиб қўямиз. Ўз ҳаётингдан хавотир олма, ҳаётинг бизнинг қўлимизда, биз сени ҳимоя қиламиз”». Қўшимча мулоҳазалар Жамоатнинг душманлари — яҳудийлар ҳам, римликлар ҳам эмас, коммунистлар ва папистлар ҳам эмас. Бугунги кунда бизнинг душманларимиз — ҳукумат ҳам эмас, сохта таълимотчилар ҳам эмас, махфий полиция ёки қандайдир диний гуруҳлар ҳам эмас. Тўғри, одамлар қилич кўтариб бошқаларни азоблайдилар, масхара қилиб устидан куладилар, хўрлайдилар. Бу дунёнинг шоҳлиги Худо Шоҳлигига ва Унинг Ёғ суртилгани Масиҳга қарши жанг қилади. Мана шунинг учун ҳам имонлининг қўлидаги қудратли қурол — бу сиёсат эмас, балки ибодатдир. Ибодат, гарчанд душманлар кўзга кўринмас бўлса-да, реал мавжуд бўлган режаларни барбод қилади, сиёсат эса фақатгина одамлар ва ғоялар билан бўлган курашда қўл келади. Ибодат масиҳийлар ва Инжил учун белгилаб қўйилган визалар ва рухсатларсиз саёҳат қилаверади. Ибодат бандиларнинг кишанларини узиб ташлайди. Ибодат ёлғон ва сохта дин тубанлигида қуёшдай чарақлаб туради. Ибодат одам иш қила олмайдиган жойларда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини Худога беради. Бизнинг ҳаракатларимиз самарасиз бўлган жойларда, ибодат бизнинг ўрнимизга хизмат қилади. Ибодат мўъжизалар яратади: ёниб турган печдан яҳудий йигитларни қутқарди, шерларнинг оғзини тўсиб, оддий инсонларга ҳайратомуз қаҳрамонликларни кўрсатишга ва мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошдан кечиришга имкон берди. Онг учун озуқа Сизнинг қандай ибодатларингизга Худо жавоб берди? Худонинг содиқлигини сиз нима билан тасдиқлашингиз мумкин? Шундай қилиб, эътиқодда мустаҳкамланиб ва билимлар билан қуролланиб, қувғинга учраган биродарларингизни унутмасликни жо қилишини ва тиз чўкиб улар учун ибодат қилишингизга куч ато этишини Муқаддас Руҳдан илтижо қилинг. Келажакдаги тадқиқотлар • Дониёр Китобининг 9 ва 10-бобларидаги Форс шоҳлигининг ҳукмдорига, Дониёрнинг қилган ибодатига кўра, Исроил халқи келажаги тўғрисида унга хабар қилиш учун келган фаришта ўртасидаги руҳий жанг ҳақидаги ҳикояни ўқинг. • Ҳизқиё ибодатини Раббий эшитди ва уни Санхарив қўлидан қутқарди — 4 Шоҳлар 19:19, 20. • Ёшафатнинг ибодатига кўра, Худо унинг душманларини тор-мор қилди — 2 Солнома. 18:31. • Раббий Закариёнинг ибодатларини эшитди, унинг хотини Элисабет ўғил туғди. Бу ўғил бизга Яҳё пайғамбар сифатида таниш — Луқо 1:13. • Ҳатто Муқаддас Руҳнинг тушиб келиши ҳам ибодатнинг натижаси эди — Ҳаворийлар 4:31. Амалий машғулотлар Худо кўплаб ибодатларга жавоб беради ва одамларнинг бажаришга имконияти йўқ нарсаларни амалга оширади. Агар имонли одам бирор эҳтиёж юзасидан ўзини қирқ кун мобайнида ибодатга бағишлаб, бу вақт оралиғида гуноҳга йўл қўймаса, мўъжизалар юз бериши мумкин. Сиз яхши кўрган инсонларнинг қутқарилиши ёки сизни таъқиб қилувчилар учун худди ўшандай ҳолатда қирқ кун ибодат қилинг. 11 — КУН. БАХТ-САОДАТЛИ ИШОНЧ “Биродарлар, мен ўзимни муродимга етишганман деб ўйламасам-да, фақат бир нарсанигина ўйлайман: орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман. Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади. Мен буни адо этиб, ғалаба гулчамбарини қўлга киритиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан. <...> Бизларнинг ватанимиз эса осмондадир. У ердан биз Халоскоримиз — Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини кутяпмиз. Ҳар нарсани бўйсундириш кучига эга бўлган Раббимиз Исо Масиҳ келганда, худди шу кучнинг таъсири билан бизнинг ожизу фоний танамизни Ўзининг улуғвор танасига ўхшатиб ўзгартиради”. (Филиппиликларга 3:13,14, 20,21) Бу коммунистик Руминияда юз берган эди. Ҳукм қилинган бир масиҳий жазо олдидан ибодатни ёзиб қолдирди: «Раббий, мен ва менинг уйимдагилар самоларда то Сени кўриб билмагунимизча, интиқлик билан улуғ кунни кутаверамиз. Сенинг қаршингда турувчи буюк хушхабарчиларни кўришни зорланиб кутмоқдаман. Сенинг элчиларинг хурсандчилик билан ҳосил дастасини кўтариб қайтишларини кўришни сабрсизлик билан кутмоқдаман. Сени улуғлаб куйловчи ажойиб саночиларнинг овозини эшитишни бетоқат бўлиб кутмоқдаман. Сенинг қаршингда ҳамма вақт ва ҳамма замонда турувчи барча қудратли пайғамбарларни кўришни бесабрлик билан кутмоқдаман. Бироқ, Раббий, менинг Сенга ўзгача илтижоим бор. Ўша кун келганда, мен Сенинг ҳузурингда асирнинг либосида бўлишимга рухсат бер. Бандиларнинг дағал кийимини кийиб олиб, Сени абадийликда улуғлашга ижозат бер, токи Сен учун банди бўлганимни мен доимо эслаб юрайин». Қўшимча мулоҳазалар Бир ёғочни ёки бир нечта ғиштларни синдириш учун жанговар кураш қонунлари бўйича бутун диққат-эътиборни объект ташқарисида бўлган бир нуқтага жамлаш талаб этилади. Қолаверса, ушбу нуқтани аниқ нишонга олиш учун қўйилган мақсадга интилиш лозим. Мақсадга эришишда йўлда қандай тўсиқлар — ёғоч ёки ғиштлар учрашидан қатъий назар, муваффақиятга эришиш керак. Худди шунингдек, қувғинга учраётган масиҳийлар ҳам абадий ҳаётнинг улуғвор чашмасидан — ҳаётдан куч-қувват олишади. Ўша самовий ҳаётда азоб-уқубатлар бўлмайди, масиҳийларнинг хоҳиш-истаги — Исо билан ҳаёт кечиришдир. Гўлгўтада тавба қилган жиноятчи сингари, ҳар бир масиҳий ўлим олдидан ҳам хурсанд бўлишига сабаб бор. Бизнинг азоб-уқубатларимиз ниҳоясига етганда, Исо Масиҳ ҳар биримизга шундай дейди: “Сенга чиндан айтаманки, бугуннинг ўзида сен Мен билан бирга жаннатда бўласан” (Луқо 23:43). Ақл учун озуқа Сизнинг нуқтаи назарингиз бўйича, ҳозирдагига қараганда осмонда умуман бошқача бўлиши мумкин бўлган нарсаларни иложи борича қоғозга ёзиб чиқинг. Заминда мавжуд, аммо самода бўлмаган нималардан сиз азият чекасиз? Сизнингча, осмонда ҳаёт қандай бўлади? Келажакдаги тадқиқотлар • Павлуснинг 2 Коринфликларга (5:68) Мактубида айтишича, узоқда ғарибликда яшашдан кўра у Раббий ҳузуридаги ватанга кўчишни хоҳларди. Филиппиликларга Мактуб 1:21–24 да Павлус шундай дейди: “Мен учун ҳаёт — Масиҳдир, ўлим эса — ютуқдир. Агарда бу баданда яшаётганим менинг ишимга самара келтираётган бўлса, унда нима танлашимни ҳам билмайман. Мени униси ҳам, буниси ҳам тортади. Бир ёқдан тугаб, Масиҳ билан бирга бўлишни орзу қиламан, чунки бу жуда ҳам яхши бўларди. Аммо иккинчи ёқдан менинг баданда қолишим сизлар учун яна ҳам кераклидир”. • Римликларга Мактуб 8:18, 19 да таъкидланишича, “...бизга зоҳир бўлажак улуғворлик олдида шу он азоб-уқубатларини айтиб ўтишга ҳам арзимасдир. Мана, Худо Ўз фарзандларини зоҳир қилишни бутун махлуқот муштоқ бўлиб кутмоқда”. • Ишаё 35, 2 Бутрус 3:13 ва Ваҳий 21-боб 1–6-оятларини ўқиб чиқинг. 12 — КУН. «ҚАМОҚДА ЁТГАНИМНИ ЭСДАН ЧИҚАРМАНГЛАР» “Мен билан бирга қамалган Аристарх ва Барнабонинг жияни Марк ҳам сизларга салом йўллаяптилар. Марк ҳақида буйруқ олгансизлар; агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар. Юстус лақабли Исо ҳам сизларга салом йўллаяпти. Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ. Улар менга юпанч бўлиб келмоқдалар. Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Сизлар Худога маъқул бўлган ҳамма нарсани бажарувчи етук, ишончи комил кишилар бўлиб оғишмай туринглар, деб Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай ибодат қилмоқда. У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Иераполь шаҳарларидаги Масиҳ жамоатлари учун не-не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман. Севимли табиб Луқо ва Димас сизларга салом йўллашяпти. <...> Мен, Павлус, ўз қўлим билан бу дуойи саломни ёзяпман. Қамоқда ётганимни эсдан чиқарманглар!” (Колосаликларга 4:10–14, 18) Таъқиб қилинувчи жамоатларнинг масиҳийлари мунтазам равишда қамоқдаги биродар ва сингилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бориб кўриб турадилар. Қолаверса, асирликда бениҳоят зарур бўлган озиқ-овқатларни доимо етказиб беришади. Кўплаб манбаларга биноан, бу имонлилар қисқа фурсатлик кўришувдан сўнг қамоқхона ёки лагерь четига чиқиб, баланд овозда куйлашар экан. Хитой тилидан таржима қилинган мана шундай қўшиқлардан бири: Ўрмон, гулу даладан йироқда, Қафасга қамалган кичик қушчаман. Сен учун Раббий, бандиликда мен. Кун бўйи юрагимни Сенга очиб, Қўшиқ айтиб, шодланаман мен. Учишни истаган қанотларимни Сен, Самоларда тутиб турасан тоабад. Қўшиқларимга қулоқ тут, айтишим зарур – Сенинг улкан севгинг менда жўшиб куйлайди; Сенинг севгинг қулиман, ундан кета олмайман. Қамоқнинг азобларини ким тушуна олади?! Лекин Раббий севгиси уни марҳаматли қилади; Раббий, Сен ҳозирлаган йўлни, Мен жуда яхши кўраман. Сен яратган барча мавжудот, Сенинг ажойиб севгингни куйлар. Ушбу қўшиқ қамоқхонадаги масиҳийга аталган эди. Маҳбус қоронғу хонада юқоридан янграётган бу қўшиқни тинглар экан, унинг қалб торлари нола чекди, кўзларидан қувонч ёшлари оқди. Қўшимча мулоҳазалар Жамоатларга йўллаган мактубларда, Павлус у билан бирга хизмат қилган ва унга ёрдам берганларга, айниқса азобли ўлимидан олдин асирликда бўлган маҳбуслар учун ҳамду санолар куйлашни илтижо қилади. Унинг айтишича, бир эътиқоднинг эгалари Павлуснинг юрагига таскин берар эканлар. Павлус уларнинг севгисини, хизматини ва Жамоа ҳақидаги ибодатларини улуғловчи саноларни куйлар эди. “Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар”, — дейди Павлус Римликларга Мактуб 12:15 да. Луқо баён этган Хушхабарда эса Исо Масиҳ Ишаё китобининг 61-бобидан қуйидаги оятларни келтиради: “Худованднинг Руҳи Менга ёр, У Мени муқаддас мой-ла мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун, дилабгорларга шифо бермоқ учун, асирга: озод бўлгил, басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиб, марҳамат йили бўлгай демоқ-чун, Худованд Мени юборди” (Луқо 4:18, 19). Таъқибга учраган биродарларимиз ва сингилларимиз учун имкон қадар шундай хизмат қиламиз. Муқаддас Калом билан уларни илҳомлантириб, ибодат орқали уларни юпатамиз ва қўллаб-қуватлаймиз. Ақл учун озуқа Павлус саломини илтижо билан якунлайди: “Қамоқда ётганимни эсингиздан чиқарманглар”. У қўшимча ёрдам ёки юпанч ҳақида илтижо қилдими? Солиҳларни қўллаб-қувватлашга у ҳаракат қилдими? Агар “ҳа” бўлса, унда қандай қилиб? Маҳбусларнинг кишанлари сизга қандай собоқ бериши мумкин? Қуйида Ёзувдан олинган оятларга эътибор қилинг. Келажакдаги тадқиқотлар • Ҳаворийларнинг 16-бобидаги Павлус билан Сила қамоқдалиги ҳақидаги ҳикоядан қандай хулосага келиш мумкин? • Сизнингча, Ҳаворийлар 26-боб, 29-оятида Павлус шоҳ Агриппага шундай деганда, нимани назардан тутган: “Хоҳ қисқа, хоҳ узоқ муддатга бўлсин, фақат ўзингизга эмас, балки бугун мени тинглаётганларнинг ҳаммаси ҳам, бу занжирлардан холи, мен каби бўлишларини Худодан сўрар эдим!” • 2 Тимўтийга 1:16-оятда Павлус шундай дейди: “Раббимиз Онисифорнинг уйига марҳамат эҳсон этсин. Чунки у занжирбандлигимдан уялмай, бир неча марта келиб менинг кўнглимни кўтарди”. Ва Филимўнга 10-оятда Павлус маҳбуслигида топган асранди ўғли Ўнисим ҳақида илтижо қилади. Бу икки парчада Павлус бизни нимага ўргатади? Амалий машғулотлар Ишаё Китобининг 35-боб, 4–10-оятларини ёд олинг. Бу ерда азоб-уқубатсиз ва дардсиз дунё тасвирланади. Ушбу парчани эслаб қолиб, сиз биродарингиз ёки синглингизнинг азобларини енгиллаштириш ва уларни овутиш учун ҳар доим ҳам керакли бўлган сўзларни топишингиз мумкин. 13 — КУН. МАТОНАТЛИ БЎЛИНГЛАР “...Ва укамиз Тимўтийни сизнинг олдингизга юборишга қарор қилдик. Тимўтий Масиҳ Хушхабарини тарғиб қилишда бизнинг ҳамкоримиз ҳамда Худонинг хизматкоридир. У сизларни имонда мустаҳкамлаб, руҳлантиради, токи бу қайғулар билан яна бирортаси йўлдан тойиб кетмасин. Тақдиримиз қайғули эканлигини ўзларингиз биласизлар. Биз ёнингизда бўлганимиздаёқ, биз учун қайғусизлик бўлмайди, деб сизларга таъкидлаган эдик. Билганингиздек, худди шундай бўлди. Шунинг учун мен ортиқча сабр қилолмай, мабодо васвасачи сизларни йўлдан оздирмадими, меҳнатимиз беҳуда кетмадими, деб имонингизнинг аҳволини билиш учун укамизни юбордим”. (1 Салоникаликларга 3:2–5) Касби кори шифокор бўлган Хитой масиҳийларидан бирининг ҳикоя қилишича, у Масиҳни севганлиги туфайли Мао образига бош уриб сажда қилишдан воз кечган (хитойча kowtow — ҳурмат ва итоаткорлик намунаси сифатида пешонани ерга текизиб сажда қилиш). Уни ўлгудек дўппослашди. Шунда ҳукумат аъзолари айёрлик билан иш тутишди. Шифокорнинг ёнига унинг қариндош-уруғларини келтириб ташлашди. Улар шифокорни ўраб олишди. Мана унинг тарихи: «Менинг еттита фарзандим ва хотиним бор. Уларнинг ҳаммаси менинг атрофимда туришибди. Хотиним ҳўнграб йиғлаб менга деди: “Агар сиз kowtow қилишга рози бўлмасангиз, сизни ўлдиришади, кейин биз нима қиламиз?” Оила аъзоларим уч кечаю уч кундуз атрофимда йиғлаб туришди. Хотинимнинг кўзлари аччиқ ёшлардан яллиғланиб кетди. “Сиз ўлиб қолсангиз, болаларингизнинг тақдири нима бўлади? Илтижо қиламан, оилангиз учун kowtow қилинг!” Улар йиғлайверишди, йиғлайверишди. Мен нима қилиш кераклиги билмасдим. Ва ниҳоят, мадорсизланиб мен зорландим: “Раббий, қулингга ёрдам бер. Айт, мен қандай йўл тутай?” Учинчи куни менга Раббийнинг жавоби етиб келди: “Агар ким Менинг ҳузуримга келса-ю, ўзининг ота-онаси, хотини, бола-чақаси, ака-укаси, опа-сингиллари ва ҳатто ўз жонидан кўнгил ўзмаса, у Менинг шогирдим бўлолмайди” (Луқо 14:26). Аллилуя! Худонинг кучсиз сўзлари бўлмайди. Эгам Ўз сўзлари билан менга жон киргизди ва Ўз кучи билан мени тўлдирди. Мен хотинимга дедим: “Йиғлашни бас қилгин. Кўз ёшлар билан иш битириб бўлмайди. Раббийнинг шогирди сифатида мен У учун ўлимга тайёрман!” Эрталабки текширувда менга яна kowtow қилишни мажбурлашди, мен эса масиҳийман деб жавоб бердим. Майли, мени ўлдиришсин, аммо мен бутларга kowtow қилмайман. “Агар сен бугун kowtow қилмасанг, унда бугун сени ўлгунингча урамиз, кейин кўрамиз, куч ва қудрат кимнинг қўлида экан!” Албатта мен kowtow қилмадим, ана шунда улар мени яна дўппослашга тушдилар. Раббим мени ташлаб қўймади, аммо Пилатнинг ҳовлисида Исони уришганидагига ўхшаш ҳис-туйғуни бошимдан кечиришимга тўғри келди. Ўшанда ҳеч ким Раббийга раҳми келмаган эди. У Ўз ҳаётини бизга бағишлади. Раббий учун беришни истамаган бизнинг бирор бир нарсамиз бормикан? Олдинига мени уриб полга йиқитишди, сўнгра арқон билан тортиб “молхонага” олиб киришди, сўнгра қаттиқ қилиб боғлаб оёғимни тепага қилиб осиб қўйишди. Қийноқларнинг охири кўринмас эди. Хушимдан кетгунимча роса уришди, сўнгра дазмолларни қиздириб, юзларимга галма-гал босишаверди. Шивиллаш эшитилиб этларим куярди, аммо оғриқ сезилмасди. Муқаддас Китобнинг ушбу сўзларини аввал тушунмас эдим: “Менинг юрагим қора мўм сингари ичимда эриб кетди”. Раббийни тепкилашганда, Унинг юраги мўм каби эриб кетган эди. Бундай ҳолатни ўзим бошимдан кечирганимдан кейин бунинг нималигини ва қандайлигини тушундим. Кимдир менинг киприкларимни кўтарди ва кўзимга қаради. “Тезроқ арқонни бўшатинглар, кўзларини қорачиғи кенгайиб кетибди, у ўлган!” Ушбу сўзларни эшитгач, Раббий мени ташлаб қўймаганлигини тушундим. Кейин кунларнинг бирида мени бошлиқ чақиртирди ва деди: “Қандай аҳволга тушганингни яхшилаб ўйлаб кўргин. Агар яшашни истасанг, kowtow қил. Бўлмаса, сени ҳақиқатдан ҳам ота-боболаринг ҳузурига жўнатишади. Бугун ўқлар билан сенинг баданингни илма– тешик қилиб юборамиз. Сен қатл этиласан! Сенинг фақатгина биттагина имкониятинг қолди”. Ушбу суҳбатдан сўнг мени “яхшигина ҳаммасини ўйлаб кўриш учун” олиб кетишди. Лекин менга “яхшигина ўйлашнинг” кераги йўқ эди. Мен ўлимга тайёр эдим. Бир кеча ўтди, аммо мени чақиртиришмади. Кейинги кун озодликдаги одамларнинг у ёқдан–бу ёққа алланимадан ҳавотирланиб югуриб юрганларига аҳамият бердим. “Қизиқ, нима бўлди экан!?” — ўйладим мен. Менга сўзлаб беришларига қараганда, мен кабинетдан чиқишим биланоқ бошлиқнинг оёқлари ўз-ўзидан оғриб, шишиб кетибди. Бора-бора оёқлари қорайиб, оғриқдан инграй кетибди. Ахир, у бошлиқ эмасми, ҳамма шифокорлар ёрдам кўрсатишга шошилишибди. Бироқ оёқдаги қора яралар шиддат билан кўпайиб, бир кундан кейин у оламдан ўтди. Мана, нима учун мени кечаси чақиртиришмаган экан». Қўшимча мулоҳазалар Имонли сиқувга олинган тақдирда ҳам, биз Масиҳга хиёнат қилишимиз мумкинлигига ҳеч кимнинг ишонгиси келмайди. Шундай бўлса-да, ҳозирги даврда кўплаб бошқа мамлакатлардаги масиҳийлар бошидан ўтказган тазийққа Ғарбда камдан-кам одам дуч келган. Бундай ҳолатдан Павлус ниҳоятда ташвишланган. Салоникадаги жамоага юборган Мактубида шундай ҳолат намоён бўлади. Исонинг Ўзи ҳам келажакдаги синовлар ҳақида шогирдларини огоҳлантирган. “Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади. Ўшанда кўплар васвасага тушиб, бир-бирини тутиб беради, бир-биридан нафратланади. Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди” (Матто 24:9–12). Ғарбдаги масиҳийлар ҳали қамоқларда эмаслар. Эътиқод учун уларни азобламайдилар. Аммо бошқа мамлакатларда кўплаб масиҳийлар занжирбанд қилинган ва қийноққа солинмоқдалар. Шундай бўлса-да, қонунга хилоф ҳолатлар Ғарбда ҳақиқатдан ҳам жуда кўп учрайди. Шунинг учун ҳам кўплаб масиҳийлар ҳақиқат йўлидан оғиб, бошқа йўлдан юриб кетмоқдалар: нарсаларни сотиш ёки мижоз орттириш учун улар ёлғон гапирадилар, солиқларни вақтида тўламай фирибгарлик қиладилар, қўшимча даромад олиш мақсадида яроқсиз товарларни ҳам қабул қилаверадилар, ўғирлик, турли кўринишдаги махинациялар тобора авж олиб бормоқда. Ибронийларга Мактубда шундай ёзилган: “Сизлар гуноҳга қарши курашишда ҳануз қон тўкилишига қадар қаршилик кўрсатмабсиз...” (Ибронийларга 12:4). Ушбу сўзларнинг муаллифи, эҳтимол, бу ерда ҳозирги замон ғарб имонлиларини назарда тутган бўлса керак. Ақл учун озуқа Ҳеч қачон, то аслида таъқибларга учрамагунингча, ўзингни қандай тутишингни аниқ айтиб бера олмайсан. Бироқ баъзи бир масалаларда олдиндан фикр юритиб, қалбимизда нима борлигини аниқлаб билиш мумкин. Масалан, даромадингизнинг ўндан бир миқдорини жамоага ажратганингизда ва эҳсон қилганингизда, сиз солиқ тўлашда қонун бўйича маълум бир имтиёзга эга бўласиз. Энди ўйлаб кўриб айтинг–чи, агар солиқ тўлашда имтиёзга эга бўлмаганингизда, даромадингизнинг ўндан бир миқдорини жамоага ажратган бўлармидингиз ёки эҳсон қилган бўлармидингиз? Агар сизнинг мамлакатингизда шахсий кутубхонада Муқаддас Китобга эга бўлиш таъқиқлаб қўйилса, сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Агар мамлакатингиз ҳукумати мавжуд бўлган барча жамоатларни ёпиш керак деб айтса, сиз нима қилган бўлардингиз? Келажакдаги тадқиқотлар • Матто баён этган Муқаддас Хушхабар 13:1-23 дан уруғ сепувчи ҳақидаги масални ўқинг, айниқса, 20–21-оятларга диққатингизни қаратинг. • Матто Хушхабарининг 26-боб, 56-оятида пайғамбарларнинг оятлари бажо келиши ҳақида гапирилади. • Бутруснинг Исодан тониши ҳақида тўртала Инжилда ҳам баён этилади. Токи Исога энг яқин бўлган шогирдлар ҳам бирдан ҳушёрликни йўқотиб, тана бўйича иш тутишлари мумкинлигини кўрсатиб бериш учун. Шундай имконият борлигини эсда тутиб, биз таъқибга ва қувғинга учраган инсонларга нисбатан раҳм–шафқат кўрсатамиз ва Исо Бутрусни ташлаб қўймагани каби, ҳозирга қадар ҳам У азоб чекканларни тарк этмаслигини англаб етамиз. • Тимўтийга Иккинчи Мактуб 4:9–16 да айтилишича, таъқиблар пайтида Павлуснинг яқин дўстлари ҳам уни ташлаб кетишган. 14 — КУН. ИБОДАТ ҚИЛИНГЛАР “Хуллас, эй биродарлар, Раббимиз каломи худди сизларда бўлгани сингари, бизнинг орамизда ҳам тез ёйилиши ва улуғланиши учун ибодат қилинглар. Бузуқ ва ёвуз одамлардан қутулишимиз учун ҳам ибодат қилинглар; чунки ҳамма ҳам имонли эмас”. (2 Салоникаликларга 3:1, 2) Бир миссонер отпускага чиқди ва Мичиган штатида ўз жамоасига ваъз ўқиди. У шундай ҳикояни сўзлаб берди: «Мен Африканинг унча катта бўлмаган дала госпиталларининг бирида хизмат қилардим. Ҳар икки ҳафтада бир маротаба дори-дармонларни сотиб олиш учун джунгли бўйлаб велосипедда шаҳарга боришимга зарурат туғиларди. Йўлнинг ўзига икки кун кетарди, бунинг устига кўпинча очиқ яп-яланг далада тунашимга тўғри келарди. Шундай қилиб, кунларнинг бирида банкдан пул олиб, дори ва озиқ-овқат сотиб олиш учун яна шаҳарга келдим. Йўлда кетаётганимда икки муштлашаётган одамларни кўриб қолдим. Унинг устига улардан бири жиддий яраланган эди. Унинг жароҳатларини боғлар эканман, унга Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик бердим. Шаҳардаги ишларимни бажардим ва икки кун йўл юриб, кечаси қоронғу джунглида тунаб, эсон-омон уйга қайтиб келдим. Орадан яна икки ҳафта ўтди, яна навбатдаги шаҳарга бориш зарурати туғилди. Эндигина шаҳарга кириб борган эдим, ёнимга ёшгина бир йигит келди. Бу йигит икки ҳафта олдин мен жароҳатини боғлаган ярадор бўлиб чиқди. Унинг айтиши бўйича, мен пул, дори ва озиқ-овқат олиб кетаётганимдан у хабардор экан. Йигит деди: “Сиз джунглида ёки очиқ далада бир ўзингиз тунаб қолишингизни биз дўстларимиз билан билардик. Шунинг учун сизни пойлаб, орқангиздан изма-из кетаётган эдик. Биз сизни ўлдириб, пул, дори-дармон ва озиқ-овқатга эга бўлмоқчи эдик. Аммо биз сиз тунаб қоладиган жойга яқинлашганимизда, сизни йигирма олтита қуролланган аскарлар қуршаб турганини кўрдик”. Йигитнинг гапларига мен кулиб юбордим ва у ерда бир ўзим бўлганлигимни айтдим. Лекин йигит гапида қатъий турарди: “Йўқ, сэр, тан соқчиларини фақат мен кўрганим йўқ. Менинг бешта дўстларим ҳам уларни кўришган, биз соқчиларни битталаб санаб чиқдик. Уларни деб биз режалаштириб қўйган ишимиздан воз кечдик ва сизни тинч қолдиришга қарор қилдик”. Ваъзнинг шу ерида жамоа аъзоларидан бири дик этиб ўрнидан турди ва миссионернинг гапини бўлиб, бу ажойиб воқеа қачон юз берган санани сўради. Миссионер бўлиб ўтган воқеанинг аниқ санасини, ойини, йилини айтди. Шундан кейин ваъзни бўлган одам қуйидаги ҳикояни сўзлаб берди: “Африкада бу воқеа содир бўлаётган вақтда, бизда эрта саҳар эди. Бир гольф ўйинининг тўртинчи партиясига тайёрланаётган эдик. Бирдан сиз учун ибодат қилгим келиб қолди. Бу истак шундай кучли, Худонинг даъвати нақадар улкан эдики, мен жамоатимиздаги ҳамма биродар ва сингилларимизни таклиф қилдим ва шу муқаддас даргоҳда сиз учун ибодат қилдик. Биродарлар ва сингиллар, ўша куни ибодат қилганлар, ўрниларингиздан туринглар!” Ўша куни шифокор миссионер учун ибодат қилганларнинг ҳаммалари ўрниларидан туришди. Миссионер бу одамлар ким эканлиги тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмади, у одамларнинг сонини санаш билан банд эди. Ўрнидан турган масиҳийлар йигирма олтита эди». Қўшимча мулоҳазалар Ибодатнинг аҳамиятини баҳолаш имкони йўқ. Бир неча кун олдин биз амин бўлдикки, заминда масиҳийлар қон ва танага қарши курашмайдилар ва ибодат — бу уларнинг курашидаги ниҳоятда қудратли қуролдир. Мана шунинг учун ҳам ибодат қилишда қанчадан-қанча тўсиқлар пайдо бўлади: “Ибодат қилишга вақтим йўқ... Қаерда ибодат қилишни билмайман... Билмадим, нима учун ибодат қиламан... Нимадан бошлашни билмайман... Ибодат қиламану, аммо бефойда...” Бироқ, Освальд Чемберснинг таъкидлашича, “Худо бизнинг ибодатларимизга жавоб қилаётгани учун ибодат қилишимиз керак эмас, балки У бизга ибодат қилишни амр этгани учун ибодат қиламиз”. Масиҳий ибодат қилиши керакми ёки ибодат қилиши керак эмасми — унинг танлаш имконияти йўқ. Ибодат қилиш унга амр этилган. “...Сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар”, — дейди Исо Матто Хушхабарининг 5-боб, 40-оятида. “Васвасага тушмаслик учун ибодат қила туринглар”, — дейди Исо Масиҳ Луқо баён этган Хушхабарнинг 22-боб, 40-оятида. Эфесликларга Мактубда 6:18 Павлус шундай деб даъват этади: “Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар...” “Биз учун ҳам ибодат қилинглар, — дейди Павлус, — токи Масиҳ сирини қўрқмасдан баён қилишимиз учун, зарур бўлган сўзларнинг берилиши учун Худо оғзимизни очсин. Биз Инжил учун маҳбус бўлсак-да, бу элчиликни тегишлича оғзи ботирлик билан ижро этайлик”. Юқорида биз амин бўлганимиздек (саккизинчи кунни қаранг), “...Худонинг иродаси — ҳамиша хурсанд бўлишимиз, тинмай тоат-ибодат қилишимиз, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилишдир, чунки биз Исо Масиҳ умматимиз”. Ақл учун озуқа Ҳар доим тинимсиз ибодат қилишингизга нима халақит қилади? Ҳаётингизни ибодатда ўтказишга сизга ҳалақит берувчи тўсиқларни енгиб ўтишингиз учун Муқаддас Ёзувда қандай панд-насиҳатлар ва қандай амалий машғулотлар сизга ёрдам беради? Келажакдаги тадқиқотлар Исо шундай дейди: “Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади” (Матто 6:33). Агар Худо Шоҳлигига олдинроқ интилсак, ердаги барча муаммоларимиз Худонинг шоҳидлигида ўз ечимини топади. Исонинг Ўзи ҳар доим ҳаётидаги ҳар бир муҳим ҳодиса олдидан ибодат қиларди: • Жамоа хизматига киришишдан олдин У бир ой рўза тутган ва тинмай ибодат қилган (Матто 4). • Исо ўн икки ҳаворийни танлашдан олдин ибодат қилди (Луқо 6:12). • Исо субҳидамда кўл устидан юришдан олдин ҳам ибодат қилди (Матто 14:22–25). • Исо қиёфасини ўзгартиришдан олдин ҳам ибодат қилди (Луқо 9:28, 29). • Юҳанно баён этган Хушхабарнинг 17-бобида айтилишича, Исо Ўз уммати учун, биз учун ва ўлганлар учун ибодат қилди. • Шогирдлар Исога хиёнат қилишидан олдин ва У хочга тортилишидан олдин ҳам, У нарироққа бориб ибодат қилди (Матто 26:36). • Шунингдек, Чиқиш Китобининг 33-боб 7-11-оятларини ўқиб чиқинг. Бу оятларда чодирнинг қурилиши, Мусо ва Нун ўғли Ёшуа чодирда Раббий билан юзма-юз гаплашганлари ҳақида айтилади. (Шунга эътибор қилингки, Мусо қароргоҳга қайтиб кетса ҳам, унинг ёш ёрдамчиси Нун ўғли Ёшуа чодирни тарк этмасди. Худо билан одат тусига кириб қолган бундай яқинлик Мусонинг ўлимидан кейин айниқса муҳим бўлиб қолади.) 15 — КУН. РАББИЙ, ЎЗ ЧЎПОНЛАРИНГНИ ЮБОР! “Агар ким имонлилар жамоатининг нозири бўлишга интилса, хайрли иш орзу қилган бўлади. Бу тўғри.” (1 Тимўтийга 3:1) Ғарблик бир мураббий Хитойда ёш раҳбарлар билан тайёрлов ишларини олиб борарди, чунки бунга жуда катта эҳтиёж сезиларди. Қуйида унинг гувоҳлигидан бир парча келтирилади: «Ушбу раҳбарлар асосан ёш ва уйланмаган йигитлар эканлигининг ажабланадиган жойи йўқ. Бир қарашда, уларнинг шижоати ва қудрати гўёки ошиб-тошаётгандай, аммо барибир баъзида улар ёрдамга муҳтож. Уларнинг баъзи-бирлари кайфиятларининг йўқлигидан ёки ёмонлигидан менга арз қилишарди. Бир йигит уйланишни хоҳлашини менга очиқ-ойдин айтди: “Ёлғиз бўлгим келмаяпти”. Уларнинг қийинчиликлари бизнинг машаққатларимиздан кескин фарқ қилса-да, бироқ уларнинг муаммолари жуда ҳам бизникига ўхшаб кетиши аста–секин аён бўлди. Улар ҳам ёлғизликдан ва қўрқувдан азоб чекадилар, улар ҳам жинсий алоқа масаласини ҳал қилишга ҳаракат қиладилар ва депрессиядан қутулишга интиладилар. Материалистик тафаккурнинг инсонлар онгига секинлик билан сингиб бориши ва “катта маданият”нинг ирим-чиримлари уларнинг жамоаларини хавотирга соларди. Ушбу жамоаларнинг қавмбошилари ўзларининг ожиз эканликларини тан олардилар, уларнинг ожизликлари сабаби — бу Руҳ куч-қудратига эга бўлган муқаддаслар шоҳлигини қуриш ўрнига, улар тоталитар империяни яратишга интилишар эди. Мен бу ҳолатни машғулотлар жараёнида, яъни Коринфликларнинг баъзи бирлари Бутруснинг орқасидан, бошқалари — Аполлос ёки Павлуснинг орқасидан боришганлари тўғрисида сўзлаб бераётиб англадим. Менимча, Хитойда ҳаммаси айнан шундай бўлган ҳам. Мен доимо нўноқлигим, ўзимни муносиб равишда тута билмаслигим ҳисси билан курашишимга тўғри келарди. Ҳа, мен ким бўлибманки, элликта ёшларни, эркак ва аёлларни ўқитсам?! Бунинг устига, улар қамоқда бўлиб қайтганлар, шундайларга хос бўлган “ҳаёт мактаби”ни ўтаганлар ва қаерда “тиз чўкиб ибодат қилиш”ни билмаганлар. “Мен сизларни ўқитишга лойиқ эмасман!” — деган садо отилиб чиқди ичимдан. Менинг сўзларим уларни ларзага солгандай бўлди. “Ахир, Сиз ўқигансиз-ку, — деб эътироз билдиришди улар. — Сизнинг билимларингиз бизга керак. Биз Муқаддас Китоб ҳақида, унинг келиб чиқиши ҳақида, унинг муаммолари ва мавзулари, Муқаддас Китоб қандай қилиб ягона яхлитликни ташкил этиши ҳақида кўпроқ нарсаларни билиб олишни хоҳлаймиз”. Шунда мен Муқаддас Китоб тадқиқотчиларига нисбатан бўлган ўзимнинг олдинги муносабатимдан афсусландим: мен ҳамишадагидек бу “керак бўлмаган ақллилардан” ўзимни олиб қочардим. Шу нарса аниқ ва равшан бўлдики, мен уларнинг материалларисиз ҳеч нарса қилолмас эканман. Бу ёш йигит–қизларга Брюс, Гордон Фи ва бошқа тадқиқотчиларнинг илмий ишларисиз Коринфликларга Мактубни тушунтиришнинг асло иложи йўқ. Бизда семинарияларнинг, Муқаддас Китоб коллежларининг, кутубхоналарнинг ва Муқаддас Китобни турлича тилларга таржима қилинган компьютер программаларининг борлиги қандай яхши! Мен албатта уйга қайтганимда, иложи борича ва кучим етганича Худонинг ажойиб инъоми сифатида буларнинг ҳаммасидан фойдаланишга журъат этаман. Ўқувчиларим билан хайрлашганимдан сўнг мен йиғлардим, чунки Худони жиддий қабул қилишмайдиган дунёга мен яна қайтиб боришим керак эди. Мен шунинг учун ҳам йиғлар эдимки, агар ваъзлар ақлли комментариялар билан безатилмаса, аъзолар қабул қилмайдиган ва қулоқ тутмайдиган жамоага қайтишим лозим эди. Мен шунинг учун ҳам йиғлар эдимки, мен Муқаддас китоблар ўқилмаган дунёга ва йиғлашни унутган одамлар орасига қайтишим керак эди. Мен саҳарда, соат тўрт яримда ибодат қилиш учун турганимда, мени жинни деб ҳисобламайдиган одамлар билан хайрлашаётганим учун ҳам йиғлардим. Мен яна шунинг учун ҳам йиғлар эдимки, мен шу элликта гуруҳ раҳбарлари билан қолишни истардим ва улар Худони қандай севсалар, шундай севишни ўрганишни хоҳлардим». Қўшимча мулоҳазалар Закариё 13:7 да шундай дейилган: “Чўпонга ҳамла қилгин, шунда қўйлар ҳар ёққа сочилиб кетади”. Пухта тайёрланган раҳбарлар — қувғинга учраган жамоатнинг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжидир. Уларсиз ҳар қандай жамоа кучайиб боролмайди, заифлашади ва тарқаб кетади. Тажрибасиз қўзиларни сохта таълимотлар ва бидъатчилар еб қўядилар. Инжилга қарши турувчи баъзи бир мамлакатларда минглаб имонлилар жамоатларда панд-насиҳатларни тинглайдилар, у ердаги қавбошиларнинг ўзлари эса — ҳали Масиҳдаги чақалоқлар ҳисобланадилар. Шундай ҳам бўладики, бирмунча катта жамоатда атиги бир нечта Муқаддас Китоб бор, холос. Айнан бундай вазиятларда имонлилар одам қалби душманининг ўлжасига айланадилар. Таъқиблар вақтида ўз қавмбошисидан айрилган масиҳийларнинг кўпчилиги ортга чекинадилар. “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилотининг муҳим мақсадларидан бири — бу “ёпиқ” деб аталмиш мамлакатларнинг айнан ўзида масиҳий раҳбарларни тайёрлашни таъминлашдан иборатдир. Тўғри, мураббийлар фақатгина чегаранинг ўзидан ўтиш учун ҳаётларини катта хавф остига қўядилар, билимга интилган раҳбарликка аъзоларни ўқитар эканлар, тунларни бедор ўтказадилар. Раҳбарлик лавозимини эгалламоқчи бўлганлар ҳам ушбу машғулотларга қатнашар эканлар, таваккал қилиб нафақат озодликни, балки ўз ҳаётларини гаровга қўядилар. Ақл учун озуқа Тайёргарликни ўтаган Инжил хизматчилари сизнинг ҳаётингизда қандай вазифаларни бажаришди? Агар улар фаолият кўрсатмаганда, ҳозирда сизнинг ҳаётингиз қандай бўлар эди? Келажакдаги тадқиқотлар • 1 Тимўтийга Мактубнинг 3-бобини тўлиқ ўқиб чиқинг. Имонлилар жамоатининг нозирлари, хизматкорлар, қавмбошилар, пресвитерлар ва дьяконлар қандай талабларга жавоб беришлари кераклигига алоҳида эътибор қилинг. • Ермиё Китобида 23:2 ва 50:6–оятларида нопок чўпонлар устидан Худонинг чиқарган ҳукмлари ҳақида айтилади. • Худо томонидан чўпонларга ишониб топширилган имонлиларга нисбатан улар ёмон муносабатда бўлганлари ва шахсий мақсадларини кўзлаб иш тутганлари ҳақида Худо пайғамбар Ҳизқиёга айтади (Ҳизқиё 34:2,3). • Аммо Ермиё Китобининг 3:15 ва 23:4–оятларига биноан, Худо бизга, Ўз халқига Унинг кўнглига яқин бўлган чўпонларни жўнатишини, бу чўпонлар жамоатга сидқидилдан хизмат қилишларини ва уни ҳимоя қилишларини ваъда қилган. • Эфесликларга Мактубнинг 4-боб 11-13 - оятларида шундай дейилган: “Шунингдек, Масиҳнинг Ўзи баъзан кишиларни ҳаворий, баъзиларини пайғамбар, баъзиларини Инжил воизи, баъзиларини эса имонлилар жамоатига чўпону мударрис қилиб тайинлади. Шу йўсинда имонлилар хизматга керак бўладиган таъминотни оладилар ва Масиҳнинг уммати обод бўла боради. Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб-биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз”. Амалий машғулотлар Жамоатингизнинг бошқа аъзолари билан ёки дўстларингиз билан бирга ибодат орқали қўллаб-қувватлаш тўгарагини ташкил қилинг. Бутун ҳаёти давомида жабр-зулмда яшаётган одамларга бағишлаб ибодат қилиш учун ҳар куни ўн дақиқа вақтингизни ажратинг. 16 — КУН. У МЕНИ ҚУТҚАРДИ “Сен эса менга эргашдинг, таълимотим, турмуш тарзим, мурод-мақсадим, имон, севги ва сабр-тоқатимдан намуна олдинг. Бошимга келган қувғинларни — Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида чеккан азобларимни эшитдинг. Қандай қувғинларга сабр-тоқат қилдим! Раббим мени ҳаммасидан қутқарди”. (2 Тимўтийга 3:10, 11) Ёшгина аёлни икки катта акаси уйнинг ертўласига судраб олиб киришди ва деворга тикка қилиб қўйишди. Акалардан тўнғичи милтиқни синглисининг оғзига тиқди ва пичирлаб гапирди: “Масиҳдан воз кеч — сенинг ҳаётинг сақлаб қолинади; исломни қабул қил, шунда сен ўлмайсан”. Қиз қўрққанича акаларига қараб турарди, дам унисига, дам бунисига. Қиз масиҳийликни яқиндагина қабул қилди. У шу йўсинда ўз оиласига катта иснод келтирганини жуда яхши билар эди. Эндиликда эса, диний урф-одатларга биноан унинг акалари қизни ўлдириш ҳуқуқига эга эдилар ва шундай қилишга мажбурлар. Сиз эшитиб турган воқеалардан бир неча ой олдин қизнинг қариндош-уруғлари ундан воз кечишди ва уйни тарк этиб уйдан чиқиб кетишга уни мажбурлашди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай тўсатдан қизни яна уйга таклиф қилишди. Унга совға-саломлар беришди, бутун диққат-эътиборларини унга қаратишди. Оила аъзоларининг ҳаммаси, шу жумладан, ота ҳам, ислом эътиқодидан юз ўгирган қизни гўёки кечиргандай эдилар. Бироқ кунларнинг бирида ота қиз билан гаплашгани унинг хонасига кирди. “Агар сен мени, қариндош-уруғларингни ва ёру дўстларингни яхши кўрсанг, жиннилик қилишни бас қил ва қайтадан исломга ўтгин. Муқаддас Китобни бошқа ўқимайсан ва Исо Масиҳдан воз кечасан. Агар шундай қилмасанг, ўзингдан кўр. Ҳозироқ яхшилаб ўйлаб кўргин-да, менга жавобини айт...” Мана шундай қилиб қиз деворга суянганича турибди, унинг қаршисида — ғазабдан қутурган акалар. “Сизлар мени ўлдира олмайсизлар, - деди секингина қиз. — Исо мени гуноҳларимдан халос этди ва мен ҳеч қачон ўлмаслигимга ваъда берди. У осмонда мен учун жой ҳозирлади. Сиз мени ўлдира олмайсизлар, чунки энди мен абадий ҳаётга эгаман”. Акаларининг жазаваси тутиб кетди, катта ака милтиқ тепкиси босди. Милтиқдан ўқ отилиб чиқмади. Ака милтиқ тепкисини яна босди. Бу сафар ҳам милтиқ отилмай қолди. Ака олти марта синглисини отиб ўлдиришга ҳаракат қилди, лекин ҳар сафар милтиқдан ўқ отилиб чиқмас эди. Нима қилиш керак? Шундан кейин дарғазаб акалар қизни кўтариб, уйнинг девор ортига отишди. “Йўқол, кўзимизга бошқа кўринма! Уйимизга йўлни эсингдан чиқар. Сен биз учун ўлгансан...!” Лекин бир неча йил ўтгач, қизнинг икки акаси ва унинг қариндош–уруғларидан бир нечтаси Масиҳга имон келтирдилар. Қўшимча мулоҳазалар Англия қироличаси Мариянинг ҳукмронлиги даврида азоб чекувчи жафокашлар орасида Николас Ридли ва Хью Латимер исмли епископлар бор эди. Уларни Оксфорд шаҳрида тириклайин оловда ёқиб юборишди. Аммо шиддатли оловга қарамай, Раббий уларни қутқариб қолди. “Ҳукм шаҳарнинг шимолий қисмида, Баллиолия коллежининг қаршисида ижро этилди... Улар тахтасупага чиқишганда, Николас Ридли Латимерни қаттиқ қучоқлади ва унга шундай сўзлар билан мурожаат қилди: “Биродар, бардам бўл! Зеро Раббий олов қаҳрини Ўзига бўйсундиради, ёки бўлмаса шундай қиладики, биз асло оғриқни ҳис этмаймиз...” Таёқда ёқилган машъалани Николас Ридлининг оёқлари тагига қўйшганда, Хью Латимер деди: “Биродарим Ридли, дадил тур, эркакларга хос йўл тут. Бугун Худонинг иродаси билан биз Англияни, менинг фикримча, ҳеч қачон сўнмайдиган чироқ сингари ёритамиз”. Николас Ридли оёқлари тагидаги оловни кўриб, бор овози билан ҳаяжонланиб деди: “Раббий, Раббий, менинг руҳимни қабул қил!” Оловнинг бошқа томонида ёнаётган Хью Латимер жўшқинланиб дерди: “Самовий Ота, менинг руҳимни қабул қилгин!” Олов уларни ямлаб ютишига қарамасдан, Николас ва Хью оловни қучоқ очиб кутиб олишди. Хью Латимер қўлларини олов ичига тиқди ва кафтларини сувга тўлдириб юзини ювгандай, ҳовучидаги оловни юзларига, бошларига “қуйди”. Улар асло оғриқни сезишмасди ва шу йўсинда уларнинг руҳи танани тарк этиб, самоларга кўтарилди”. Ақл учун озуқа Барча жафокашлар шундай мардона ва оғриқсиз жон берардилар. Бироқ Исо Масиҳ ҳеч қачон Ўз болаларини ташлаб қўймасликка ваъда берган (Ибронийларга 13:5). “...Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан” (Матто 28:20). Тўғри, бизни ўтга ташлашлари мумкин, лекин Раббий ҳеч қачон, ҳеч қаерда бизни ёлғиз қолдирмаслигини намоён қилди (Дониёр 3). Раббий қандай қилиб сизларни ўлимдан ёки жароҳатлардан сақлаган, васвасага тушишдан ва нотўғри ҳаракатлардан тутиб қолган? Оғир синовлар пайтида Унинг сиз билан бирга эканлигини сезганмисиз? Келажакдаги тадқиқотлар • Аюб Китоби 5:19 да Худонинг гуноҳни ювиш ҳақидаги ваъдасини ўқиб чиқинг. • Худо кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Бу ҳақда 1 Коринфликларга Мактуб 10:13 да айтилган. • Шунингдек, 2 Тимўтийга 4:18; 2 Бутруснинг 2:9; 2 Шоҳлар 22:2; Ишаё 46:4; Дониёр 6:27 ва 2 Коринфликларга 1:10-оятларни таҳлил қилинг. 17 — КУН. ҲОКИМИЯТГА БЎЙСУНГАНЛАР “Сен имонлиларга шуни эслатиб тургинки, улар ҳукмрон ҳокимиятга тўла итоаткорлик билан бўйсунсин, ҳар бир хайрли ишга тайёр бўлишсин. Ҳеч кимни ёмонламасинлар. Урушқоқ бўлмай, барча инсонларга ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар”. (Титусга 3:1, 2) Михаил Хорен — ниҳоятда сермаҳсул рус хушхабарчиси кўп йиллар ҳаётини қамоқда ўтказди, чунки у хушхабарчилик хизматидан асло воз кечмади ва шунинг учун ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум бўлди. Кунларнинг бирида унинг қариндош-уруғлари қамоққа Михаилни кўргани келишди, бироқ “катталар” томонидан учрашув бекор қилинди ва улар уйга қайтиб кетдилар. Ушбу муносабат билан қамоқхона ишчиси Михаил унинг устидан кулганда, у шундай деб жавоб берди: “Шуни сизга айтишим керакки, Раббий Ўз иродасини сиз орқали бажаради ва бизни марҳаматлаш учун сизлардан фойдаланади. Мен қариндош–уруғларимни жуда қадрлайман, оила аъзоларим билан бирга бўлиш мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Аммо биз бир-биримиз билан бирга эмас, бир-биримиздан узоқда бўлганимизда Раббий янада улуғланса, нима учун мен учрашувни талаб қилишим керак экан? Агар мен озодликда эмас, қамоқда бўлганимдан Раббийнинг номи янада улуғланадиган бўлса, шуни билиб олингки, унда мен шу қоронғу қамоқхонада отам ва кўплаб имондаги биродарларим сингари маҳбус бўлиб ўлишни хурсандлик билан ўзимга раво кўрган бўлардим”. Михаил Хорёвнинг қуйидаги сўзлари ҳикматли сўзлар бўлиб қолди: «Тан оламан, қамоқ — бу бизнинг таълимотимиздаги ниҳоятда фойдали мактабдир, бу мактабда эътиқодимизнинг ҳақиқий эканлиги синовдан ўтади... Шундай мактабда таълим олганим учун ва Унинг раҳбарлиги учун Худога шукроналар айтаман». Қўшимча мулоҳазалар Ушбу китобнинг бешинчи кунги машғулотида, руҳонийлар Бутрусни ва Юҳаннони Худога ёки одамларга қандай қилиб бўйсунишга зўрлаганликлари ҳақида биз ўқидик. Ҳаворийлар Худони танлашди. Аммо барибир, ўша вақтдаги диний арбобларнинг нотўғри иш қилишаётганига қарамасдан, уларнинг қўлидаги ҳокимият уларга Худо орқали берилган. Қолаверса, шогирдлар ушбу ҳокимиятни тан олишди ва унга бўйсунишди. Бутрус ва Юҳанно ҳибсга олинишларига индамай ўзларини тутиб беришди. Бутун дунё бўйлаб ҳозирда имондаги миллионлаб биродарларимиз ва сингилларимиз худди шундай йўл тутмоқдалар. Исо Масиҳ ҳам худди шундай йўл тутди: У Ўзини тутиб олишларига, ҳукм қилишларига ва хочда тортилишига имкон яратди. “Менга жавоб бермайсанми? — деди Пилат. — Сени хочга михлатиш ё бўшатиш учун ҳукм юритишга қодир эканимни билмайсанми?” Исо жавоб берди: “Агар сенга юқоридан берилмаганда эди, сен Менинг устимдан ҳеч қандай ҳукм юрита олмас эдинг. Шу сабабдан Мени сенинг қўлингга тутиб берганнинг гуноҳи сенинг гуноҳингдан катта” (Юҳанно 19:10, 11). Бизнинг ҳукмдорларимиз ҳақми ёки йўқми, Худо Ўз халқига улар учун итоат этинглар, уларни севинглар, уларга яхшилик қилинглар, улар учун ибодат қилинглар, деб амр этади (Матто 5:44). Ақл учун озуқа Жамоат кўпинча шарм-ҳаёсиз суратларга, бачавозликка ва аборт қилишларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Аммо шундай ҳолат юз беришига йўл қўйган ҳукумат ҳақида ёки ҳукумат аъзолари ҳақида жамоат бирор марта бўлса ҳам ҳурматсиз гап айтганми ёки уларни танқид қилганми? Уларга нисбатан ўз севгисини ёки душманлигини намоён этганми? Улар учун ибодат қилганми, ёки уларни қарғаганми? Умуман олганда, Муқаддас Китоб методи нуқтаи назаридан, душманларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак? Келажакдаги тадқиқотлар • Римликларга Мактубнинг 13-боб, 5-оятини ўқиб чиқинг. • “Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар. Бу ишни эса оҳу нола билан эмас, балки севинч билан бажо келтирсинлар. Агар буни оҳу нола билан қилсалар, сизларга фойда бўлмайди” (Ибронийларга 13:17). Худди шу сингари, биз ҳам Худо томонидан жамоатларимизга қўйилган раҳбарларга ва бошлиқларга итоат этишга мажбурмиз. • “Эй хизматкорлар, фақат юмшоқ ва хушфеъл хўжайинларгагина эмас, балки феъли-хуйи терс бўлганларига ҳам камоли эҳтиром билан итоат қилинглар. Агар бирор киши Худога ишонганидан виждонан азоб чекиб, ноҳақ ғам-ғуссага чидаса, бу Худонинг иноятидан далолат беради” (1 Бутрус 2:18, 19). Худди шу тарзда бизга иш берувчиларга бўйсунишимиз керак. 18 — КУН. ҚУВҒИНЛАРНИНГ САМАРАСИ “Мен маҳбуслигимда кўрган ўғлим Ўнисим ҳақида сендан илтимос қилмоқчиман...” (Филимўнга 1:10) “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилотининг асосчиси биродар Андрей Суданлик Сильвадор Али Аҳмад исмли масиҳий маҳбус ҳақида гувоҳлик беради. Аҳмад ҳурмат қозонган ислом раҳбари ва ажойиб илоҳиётчи бўлган. «Қиёсий диншунослик соҳасида докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга тайёргарлик жараёнида, у Янги Аҳдни ўқий бошлади ва натижада ўзининг бутун ҳаётини Исо Масиҳга бағишлади. 1991 йили шариат қонунлари (мусулмон амрлари) Суданда давлатники бўлди ва, янги қонунлар мажмуига биноан, Аҳмад маълум бир саволларга жавоб бериши лозим эди. Аммо Аҳмад масиҳийлик эътиқодига бўйсунишини тан олганда, уни ҳибсга олишди, занжирбанд қилиб бир кишилик камерага ташлашди. Қамоққа ташланганининг биринчи куни кечасиёқ ҳукумат аъзолари Аҳмадни ўлдиришмоқчи бўлишди. Бироқ қандайдир тасодифий ҳолатларга кўра бу амалга ошмади: жазони ижро этиш учун уни автомобилда ҳукм ижро этиладиган жойга олиб бориш керак эди. Аммо ҳеч қаердан машинага қуйгани ёнилғи топилмади. Кейинги куни у олий ислом суди олдида жавоб бериши керак эди. Аҳмаднинг адвокати дўстона оҳангда ҳамманинг кўз ўнгида Масиҳдан юз ўгиришни, Унга яширинча итоат этишни маслаҳат берди. Лекин Аҳмад бундай таклифни рад этди. ”Исо — менинг ягона ҳимоячим, — деди у, — мен Ундан воз кечмайман”. Аҳмадга олти йил қамоқ жазосини тайинлашди. Уни ҳар қандай ҳарбий унвонлардан ва қаерда бўлса ҳам дарс бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Ўша пайтга келиб хотини ундан ажрашганди. Уни оталик ҳуқуқидан (унинг тўрт нафар фарзанди бор эди), автомобилидан, шахсий уйидан ва банкдаги жамғармасидан маҳрум қилишди. Буларнинг ҳаммаси камдек, судьянинг қарорига биноан, агар у қамоқ жазосининг муддати тугагунча исломни қабул қилишдан бош тортса, сим ортида яна қўшимча олти ой ўтиради. Қамоқ жазоси вақтида “Обдурман” турмаси бўйича Аҳмад унча катта бўлмаган Муқаддас Китоб ва ибодат гуруҳларини тузди. “Уч ой давомида, — дейди Аҳмад, — бизнинг қамоқхонамизда 305 тага яқин одам очиқдан–очиқ Масиҳга имон келтирди, шу жумладан, уларнинг бештаси исломдан келиб бизга қўшилган мусулмонлар эди. “Ниҳоятда хавфли одам” лақабини олган қамоқхона имоми (устози) Аҳмадни Хартумдан шарқда жойлашган “Гериф” қамоқхонасига кўчириб ўтди, аммо у ерда ҳам Масиҳ ҳақида гувоҳлик беришни давом эттирди. Ушбу қамоқхонада Аҳмад ва у билан бирга еттита бошқа масиҳийлар йиғилишлар ўтказа бошладилар. Бир ҳафтадан кейин қамоқхона ҳовлисидаги дарахтларнинг тагида элликтадан ортиқ одам тўпланадиган бўлди. Яна икки ой ўтгач, қамоқхонадаги масиҳийларнинг сони 115 тага етди. Улар шиддат билан ибодат қилардилар ва Худо уларнинг ибодатларига жавоб берар эди. Бир куни қўриқчилар ярим тунда Аҳмадни Нил дарёсида чўктириб юбориш ҳақидаги буйруқни олишди. Улар унинг қўл-оёғини боғлаб юк машинасига солишди. Аммо машина кўлга яқинлашаётганда мўъжиза юз берди ва турган жойида қотиб қолди. Ҳайдовчи ва қўриқчиларни ваҳима босди. Аҳмадни ўлдириш ҳақидаги офицер фармонини бажаришдан улар бош тортдилар. Ва тез орада Аҳмадни озод қилишди. “Қамоқхона раҳбарлари у ердаги имонни қабул қилган масиҳийларнинг тобора кўпайиб бораётганлигини кўриб қўрқиб кетишди, — деб тушунтирди Аҳмад, — мени озодликка чиқариб юбориш керак, деган қарорга келишди. Ва шу йўл билан улар мендан қутулишди”». Қўшимча мулоҳазалар Филимўн исмли имонлининг Ўнисим деган қочоқ бир қули бор эди. Филимўн Масиҳга Павлуснинг иштироки билан келган ва унга Павлус ўзининг Мактубларидан бирини йўллаган. Зиндонда Павлусга хизмат қилаётган Ўнисим ўзини Раббийга топширди. У ўз хўжайинидан қочиб кетгани учун тавба қилди, ҳозирда унинг ҳузурига қайтиб боришга ва гуноҳини ювишга тайёр эканлигини билдирди. Павлус ўз Мактубида Филимўндан қули Ўнисимни қайтариб олиши ҳақида илтимос қилади. Ўнисим бир вақтлар фойдасиз бир қочоқ эди, энди эса имонли ва диёнатли масиҳийга, Павлуснинг маҳбуслигида кўрган ўғлига, яъни жон-дилига айланди. Павлус Филимўнга, Ўнисимни қул каби эмас, балки қулдан юқори, севикли ука сифатида қабул қилгин, ҳам одам боласи сифатида, ҳам Раббийнинг боласи сифатида янада кўпроқ яхши кўргин, деб илтимос қилади. Азоб-уқубатда, машаққат оловида қанчадан-қанча одам Ҳақиқатни билиб олганини фақат Худо билади. Имонлиларнинг меҳнати туфайли кўплаб қалблар қамоқхоналарда қутқарилганлигини фақат У билади. Масиҳ болаларини айнан қийнаётган пайтда азоб берувчиларнинг ва соқчиларнинг кўпчилиги Масиҳга имон келтиришгани тўғрисида юзлаб, минглаб гувоҳликлар мавжуд. Барча маҳбуслар учун ибодат қилинглар. Улар нафақат озодликка чиқиши учун, Худо уларнинг оилаларига ғамхўрлик кўрсатиши ва юпатиши учун ибодат қилинглар, балки маҳбуслар озодликка чиқиб кетаётганларида улардан кейин сим ортида қудратли, гуллаб–яшновчи жамоат қолиши учун ҳам ибодат қилинглар. Токи бундай жамоатлар янада кўпроқ асирларни озодликка чиқариш имкониятига эга бўлсин. Ақл учун озуқа Римликларга Мактубнинг 8-боб, 28-оятида Павлус имонлиларни ишонтириб шундай дейди: “Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади” (Римликларга 8:28). Бу ерда қувғинлар назарда тутиладими? Васвасалар-чи? Қамоқхоналар ва ўлим-чи? Таъқибларнинг қуйидагича кўринишларидан Масиҳ учун яна қайтадан эга бўлинган қалблардан ташқари, яна қандай ҳузур-ҳаловат бўлиши мумкин? Бундай тилак ва ниятлар қувғинга учраган биродарларимиз учун қилинган самарали ибодатларимизга қўшимча тарзда яна қандай яхшилик бўлиб хизмат қилиши мумкин? Келажакдаги тадқиқотлар • Довуд билан Бурсабо гуноҳ қилишди ва иккиси ҳам ўғлидан айрилишди. Лекин барибир айнан уларнинг насл-насабидан Худо олам учун Масиҳни яратди (2 Шоҳлар 11; Матто 1:6). • Мусо гуноҳ қилди (Саҳрода 20:8–12) ва шунинг учун ҳам ваъда қилинган юртга боролмади. Шундай бўлса-да, Исроил халқини мисрликларнинг асирлигидан олиб чиқиш учун Худо Мусодан фойдаланди, Унинг Ўзи Мусони Наво тоғ этагига дафн қилди (Амрлар 34:6). Лекин минг йиллар ўтиб маълум ва машҳур Мусо Илёс ва Исо билан Ўзгариш тоғида намоён бўлди (Марк 9:2–9). • Ҳаворийлар фаолияти Китобининг 8–9-бобларида янги жамоат қувғинга учрагани ва Стефан тошбўрон қилиб ўлдирилгандан кейин жамоат тарқаб кетганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Аммо булардан ташқари, ушбу бобларда кўплаб хурсандчиликлар юз бергани тўғрисида айтилади. Шу жумладан, шифо топишлар, Самария аҳлининг Масиҳга юз тутиши, ҳабашистонлик амалдорни Филипп сувда чўмдириб имонга киритгани ва Масиҳ шогирдларига қарши таҳдидлар қилиб юрган Шоулнинг сувга чўмиб имон келтиргани тўғрисида сўз боради. Амалий машғулотлар Янги Аҳдни диққат билан ўқиб чиқинг. Унда ҳаворийнинг ҳар бир ибодатига ўзгача маъно беринг (масалан, Римликларга 10:1–4: 15:5,6,13; 2 Коринфликларга 13:14; 1 Салоникаликларга 3:11; 5:23). Ҳаворийларнинг сўзлари билан қувғинга учраган жамоатлар учун Худога илтижо қилинг. Худо бу илтижоларни эшитиб, албатта Муқаддас Китоб ибодатларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилинг. 19 — КУН. САБР-ТОҚАТГА ДАЪВАТ ЭТИЛГАНЛАР “Аввалги кунларни эсга келтиринглар. Ўшанда сиз зиёни кўриб, азоб-уқубатлар тўла қаттиқ курашга бардош берар эдингизлар. Гоҳ ўзларингиз эл-юртнинг ҳақоратига қолиб, азоб чекар, гоҳ шундай аҳволга йўлиққанларга ҳамдард бўлардингизлар. Маҳбусларнинг алам-аччиғига шерик бўлардингизлар. Сизни янада яхши ва боқий бойлик кутаётганини билиб, мол-мулкингизнинг талон-тарож этилишини хурсандлик билан қабул қилардингизлар. Шундай экан, келажакда улуғ тақдири бор умидингизни ташламанглар. Худонинг иродасини адо этиб, Унинг ваъдасини қўлга киритиш учун сизларга сабр-тоқат керак...” (Ибронийларга 10:32–36) Масиҳийликни қабул қилган синглимиз Паскуалита ўз она шаҳрида, Мексиканинг шимолида даҳшатли қувғинларга учрашига тўғри келди. Бошқа масиҳийларни у ердан қувиб чиқаришарди. Бир куни кечаси ғазабланган оломон томи сомон билан ёпилган унинг уйини ўраб олди ва ёқиб юборди. Паскуалита эшигини очганда, отилган милтиқ овозлари эшитилди. “Раббим, Сенга ҳамду санолар бўлсин. Фақатгина йигирма бир ўқ менинг танамга кирибди”, — секингина деди у. Синглимиз Паскуалитанинг бутун бадани ўқлардан илма-тешик бўлибди, битта ўқ ҳаттоки бўйнини тешиб ўтибди. Қандай мўъжиза! Қиз то бир чуқурга тушмагунча югураверди, яна қайта-қайта югурди. Ярим тун бўлгани учун ҳаммаёқ зимзиё, қоронғу. Таъқибчилар шунинг учун ҳам Паскуалитани топа олмадилар. Қиз жуда кўп қон йўқотди. Паскуалита қачонлардир бир ҳамшаҳарига Масиҳ тўғрисида гувоҳлик берган эди. Ўша аёл Паскуалитани қутқарди ва тезлик билан шаҳарга яқин бўлган шифохонага олиб борди. Қиз тирик қолди, бироқ унинг оила аъзоларидан уч нафари ҳалок бўлишди. Синглимиз Паскуалита Раббимизга юзланиб, нола қилди: “Раббий, нега Сен мени бунчалик азоб-уқубатларга дучор қилдинг, ахир, мен ўзимни, бутун оила аъзоларимни сенга топширган эдим-ку?” Кўпинча Паскуалита ҳар қандай вазиятда Унга атаб куйлайдиган сано сўзларини Раббий қизнинг эсига солди: “Мен Масиҳ кетидан боришга аҳд қилдим; ортга ҳеч қандай бошқа йўл йўқ”. «Ана шунда, — деб эслайди Паскуалита, — Масиҳ кетидан боришга аҳд қилганимдан кейин, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай қувғинларда, нима юз беришидан қатъий назар, Унинг ортидан боришим кераклигини мен тушундим. Шу кундан бошлаб менинг ҳаётим фақат Унга тегишлидир. Бу сано менга куч-ғайрат ато этди. Мен яна Масиҳ Хушхабаридан гувоҳлик бериб юрибман ва хочга қўлини қўйган биродарларим ва сингилларимга ҳам, ортга қарамай, олдинга, Масиҳ кетидан боринглар, деб даъват этмоқдаман». Қўшимча мулоҳазалар Синглимиз Паскуалита воқеасида ҳозирги кунда бутун ер шари бўйлаб қувғинга учраётган жамоатларнинг ҳолатлари яққол намоён бўлмоқда. Хитойда ва Суданда, бутун Лотин Америка бўйлаб ва ислом мамлакатларида масиҳийларнинг уй-жойларини ҳукумат мусодара қилмоқда ёки ваҳший тўдалар уларни ёқиб, кулини кўкка совурмоқда. Барибир, Масиҳ шогирдлари шоду ҳуррам. Биз бу ерда, Ғарбда Масиҳга мурожаат қилганимизда, қувғинга учраган бошқа жамоатларга қараганда азоб чекмаймиз, бироқ бизнинг устимиздан ҳам кўпинча кулишади, дўстларимизни, қариндош-уруғларимизни ва таниш-билишларимизни бизга қўшиб сўкишади, калака қилишади. Ибронийларга Мактуб муаллифи Худога бўлган бизнинг севгимиз сўнмаслигига даъват этади, Худонинг иродасини адо этишга, қачонлардир юрагимизда чақнаган умид юлдузи порлашига, куч-қувватга тўлиб азоб-уқубатларга бардош беришимизга чорлайди. “Симўн, Симўн! Мана, шайтон сизларни буғдой каби ғалвирдан ўтказишга изн сўради. Бироқ Мен, имондан тоймагил, дея сен учун ибодат қилдим. Сен бир кун қайтиб келганингда, биродарларинг имонини мустаҳкамла” (Луқо 22:31,32). Исо Масиҳ Симўн учун ибодат қилгани сингари, биз ҳам бир-биримиз учун ибодат қилайлик, токи васвасага тушиб қолмайлик ва Масиҳга бўлган севгимиз ҳеч қачон сўнишига йўл қўймайлик. Ақл учун озуқа Ибронийларга Мактубда “маҳбусларнинг алам-аччиғига шерик бўлган” руҳонийлар ҳақида айтилади. Ҳар бир масиҳийнинг вазифаси айнан шундан иборатдир. Имонлилар, айниқса нисбатан озодликка эга Ғарбликлар, жабр-зулмдан азоб чекаётган имонлиларни руҳан қўллаб-қувватлашлари лозим; шунингдек, улар қувғинга учраганларнинг имкон қадар жисмоний талабларини мукаммаллаштиришлари, далда беришлари ва кўнгилларини кўтаришлари керак. Оғир вақтларда биродар ва сингилларингизнинг иштироки сизга қандай ёрдам берган? Худо қандай қилиб сизнинг эҳтиёжларингизни биродарларингиз ва сингилларингиз орқали қондирган. Бошқа жамоатларда қувғинга учраган биродар ва сингилларингизнинг ҳаётида сиз қандай иштирок этишингиз мумкин? Келажакдаги тадқиқотлар • Матто баён этган Хушхабарнинг 25-боб, 35–46-оятларида Исо муҳтожларга ёрдам беришга даъват этади. Унинг таъкидлашича, биз биродарларимизга неки қилган бўлсак, Масиҳга қилган бўламиз. • Филиппиликларга Мактуб 4:10–19 да Павлус Филиппидаги қувғинга учраган жамоат аъзоси сифатида гапиради. Павлус ўз муҳтожликлари ҳақида сўзлайди, филиппиликларнинг унга қилган ғамхўрликлари ва ёрдамлари, уни қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдиради. • Павлус Колосаликларга Мактубни Раббийнинг содиқ хизматкорларига, ҳамкорларига, Исо Масиҳдаги биродарларига саломлар ва тилаклар билан якунлайди: “Мен билан бирга қамалган Аристарх ва Барнабонинг жияни Марк ҳам сизларга салом йўллаяптилар. Марк ҳақида буйруқ олгансизлар; агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар. Юстус лақабли Исо ҳам сизларга салом йўллаяпти. Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ. Улар менга юпанч бўлиб келмоқдалар. Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Сизлар Худога маъқул бўлган ҳамма нарсани бажарувчи етук, ишончи комил кишилар бўлиб оғишмай туринглар, деб Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай ибодат қилмоқда. У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Иераполь шаҳарларидаги Масиҳ жамоатлари учун не-не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман. Севимли табиб Луқо ва Димас сизларга салом йўллашяпти” (Колосаликларга 4:10–14). • Қувғинга учраган жамоатнинг аъзоси бўлиш жуда оғир, чунки унинг эҳтиёжлари ниҳоятда юксак ва машаққатлидир. Аммо барибир Павлус имонлиларни руҳан тушкунликда қолмасликка даъват этади. “...Яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз” (Галатияликларга 6:9). 20 — КУН. САБР-ТОҚАТНИНГ САМАРАСИ “Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда, уни катта севинч билан қабул қилинглар. Шуни билингларки, имонингизнинг синалишидан сабр-тоқат ҳосил бўлади. Сабр-тоқат тўла самарасини кўрсатсин, токи сизлар ҳеч бир нарсадан камчиликсиз, комил ва нуқсонсиз одамлар бўлинглар”. (Ёқуб 1:2–4) Джон Эндрюс — Масиҳга хизмат қилишни яхши кўрган Рангуна, Бирмалик (ҳозирда Янгон, Мьянма) ҳурмат қозонган лютеран Қавмбошиси. Бир неча йил олдин унинг қизи жигарнинг вирусли яллиғланишидан вафот этди. Икки ойдан кейин бундай мусибатни кўтара олмай унинг хотини ҳам абадий ҳаётга равона бўлди. Яна олти ой ўтгач, тўсатдан унинг ўғилларидан бири қазо қилди. Биродар Эндрюс ғам-ғуссадан эзилиб кетди. “Мен ўзимни Аюб сингари ҳис қилардим, фарқи шунда эдики — ҳеч ким мени йўқлаб келмасди”, — деб эслайди у. Вер Энрикес — Бангкокдаги Таиланд “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилотининг ишчиларидан бири, ёшгина филиппилик йигит бу вазиятдан хабар топди ва биродар Эндрюсга тасалли бериш учун зудлик билан йўлга отланди. “Менинг бошимга шунча мусибатлар ёғилган пайтда ёрдам бергани келганингиз учун Сиздан бениҳоят миннатдорман”, — деди унга биродар Эндрюс. Агар сиз бугунги кунда биродар Эндрюснинг уйига ташриф буюрсангиз, уни жажжигина набираларининг қуршовида кўрасиз. Қувноқ болакайларнинг шод-хуррам қийқириқлари узоқдан эшитилиб туради. Биродар Эндрюс эса хурсандчиликдан жилмаяди ва ўз ҳаётидаги бебаҳо сабоқ билан ўртоқлашади. «Сабр-тоқат қилганим учун Худо мени тақдирлади, — дейди у сизга, — зеро У менинг чилпарчин бўлган юрагимни шифолади!». Қўшимча мулоҳазалар Павлус ва Сила машаққатли синовлардан ғолиб бўлиб чиқишди. Ҳаворийлар Фаолиятининг 16-боб, 22–23-оятларида айтилишича, оломон Павлус билан Силага ёпирилишди, уларнинг уст-бошини йиртиб олиб, калтаклашишди. Жуда кўп калтаклашгандан кейин уларни зиндоннинг ички бўлмасига қамаб, оёқларини кундалаб қўйишди. Бундай муносабатга уларнинг жавоби қуйидагича: “Тун яримлаб қолганда, Павлус ва Сила ибодат қилиб, Худони куйлашар эди; маҳбуслар эса уларни тинглаб туришарди” (Ҳаворийлар 16:25). Қувғиндаги сабр-тоқат дарси келажакдаги синовларга уларни мустаҳкамлаганига ишонч ҳосил қилиш учун Ҳаворийлар Фаолияти Китобини бошидан охиригача ўқиб чиқиш керак. Павлус ва Сила сабр-тоқатнинг аҳамияти нақадар бебаҳо эканлигини жуда яхши тушунар эдилар. Осваль Чемберс ҳам сабр таги олтин эканлигини англади: «Худонинг муқаддаслар учун кураши камоннинг ёйига ўхшайди. Худо ёйни маълум бир нуқтагача тортади. Камон: “Энди бошқа кучим йўқ”, — деб айтишига қарамасдан, Худо унинг гапини эшитмаганга олиб, ёйни янада мақсад сари тортаверади. Чунки Худонинг Ўз мақсади бор. Имонлиларнинг сабр-қаноати шундан иборатки, то Худо бу камондан ёйни отмагунча, чидаш керак, сабр қилиш керак». Сабр-қаноати туфайли Худонинг ҳузур-ҳаловатига сазовор бўлган имонлилар Унинг нуқтаи назарига биноан ҳаракат қиладилар. Уларнинг фикрича, фақатгина ҳозирни ўйламаслик керак. Ақл учун озуқа Сабр-тоқат намунаси — бу Раббийга суяниш ва жабр-зулм ўчоғида Худони улуғлаш. Муқаддас Китобга асосланган ҳолда ёки ўзингизнинг шахсий тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда (юқорида биз мисол тариқасида келтирган Павлус ва Силадан ташқари), сабр-қаноатнинг бебаҳолигини кўрсатувчи яна қандай шунга ўхшаш хислатларни ва мисолларни сиз келтира оласиз? Келажакдагн тадқиқотлар • Забур Китобининг 39-бобини ўқиб чиқинг ва Довуд шукр қилгани учун қандай самарага эришганини айтинг. • Павлус Римликларга Мактуб 12:9–21 да имонлининг яқинларига нисбатан севгида ўсиб боришида, босиб ўтиши керак бўлган бир нечта поғоналарни санаб ўтади. Шу муҳим поғоналардан бири азоб-уқубатда саботли, сабр-қаноатли бўлиш хислатидир. “Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар. Қайғуда сабрли, тоат-ибодатда саботли бўлинглар” (Римликларга 12:12). • Иброҳим узоқ сабр-тоқат қилди ва Худо унга ваъда берган нарсага эришди (Ибтидо 21–22; Ибронийларга 6:15). • Ва ниҳоят, 2 Тимўтийга Мактуб 4:6–8 ни ўқир эканмиз, барча синовлардан ва васвасалардан қутулиш учун ҳаворий Павлусга қандай сабр-қаноат даркор бўлганлигини биз кўрамиз. 21 — КУН. АЖРАТИБ ОЛИНГАНЛАР “Масиҳ биз учун жисман азоб чекиб, ўлди. Сизлар бундан ўрнак олинглар. Чунки жисман азоб чеккан киши бошқа гуноҳ қилишни бас қилади. Энди бу баданда яшаш учун қолган вақтингизни бошқа одамлардай нафсингни ўйлаб эмас, балки Худонинг иродасини ўйлаб ўтказинглар. Сизлар ўтмишда мажусийларга ёқиб яшаганлигингиз энди етар. Ўша вақтларда фисқ-фужур, шаҳватпарастлик, сархушлик, айш-ишратлар, кайф-сафолар ҳамда бутпарастлик разолати билан кун кечиргансизлар. Энди эса улар каби юрмаяпсизлар, уларнинг шалоқликлари селига ўзларингизни ташламаяпсизлар. Мажусийлар бундан ҳайрон бўлиб, сизларни ёмонламоқдалар. Улар тиригу ўликларни ҳукм этишга тайёр бўлган. Худога ҳисоб берадилар. Ўликларга келсак, улар ҳамма одамзод қатори ўлиб, баданлари жазоланди. Аммо уларнинг руҳи Худога мувофиқ яшасин деб, Инжил Хушхабарини ўликларга ҳам етказилди. Энди борлиқ мавжудот охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутинглар, ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар. Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади...” (1 Бутрус 4:1–8) Кўплаб методлар мавжуд, шу методлар ёрдамида Худо Ўз халқини Ўзи учун ажратиб олади. “Ажратиб олинганлар” сўзлари шундай хислатни намоён қиладики, биз Масиҳ каби бу дунёда мавжудмиз, лекин биз бу дунёдан эмасмиз. Ушбу қўлланманинг ҳар бир куни юқорида айтиб ўтилганлар билан бир қаторда, биз азоб-уқубатлар учун ажратиб олинганлигимизни бизга ўргатади. Шундай бўлса-да, “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилотининг хизматчиси Пол Эстабрукснинг “Руҳий муваффақиятнинг сирлари” номли китобида айтиб ўтилган ва қуйида шу китобдан келтирилган парча мисолида, баъзида ажратиб олинганлик — бу мўъжиза эканлигига ишонишимизга тўғри келади. «Филиппидан келган масиҳий Освальдо Магдаган Саудия Арабистонининг Эр-Риёд шаҳрида ишчи бўлиб хизмат қиларди. Шу билан бирга яширин уй жамоатида қавмбошилик хизматини ўтарди. (Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 1400 йил мобайнида Саудия Арабистонида расмий тан олинган бирорта ҳам масиҳий жамоати йўқ эди!) 1992 йилнинг охирида Осваль ва унинг ёрдамчисини Саудия Арабистонининг muttawa давлат полицияси томонидан облава пайтида ҳибсга олинишди. Улар жамоат йиғилишини ўтказишаётганда қўлга тушишди. Освальдони уч ярим соат ҳам жисмоний, ҳам ахлоқий қийноқ азобига солишди. Унинг юзларига шапалоқ қўйишди, мушт билан уришди, булар кам қилгандек бошига роса тепишди. Сўнгра узун қамчи билан елкаларини ва қўлларини савалашди. Освальдонинг ёзишича, бутун бадани қонталаш бўлган ва лат еган жойлари кўм-кўк бўлиб кўкариб кетган. Камерага қайтгач, Освальдо беш соат мобайнида ибодат қилди ва Исо Масиҳнинг азоб-уқубатларида Худо унга ҳам иштирок этишга имкон яратгани учун Раббийга шукроналар айтди. Ушбу эпизодни Освальдо “Шоҳликда қамоққа олинган” номли китобида ҳикоя қилади (“Очиқ эшиклар”, Буюк Британия, 1993 йил): “Тўсатдан ҳаммаёқ нурга таралди. Камерани Худонинг улуғворлиги тўлдирди. Худо мен билан бирга эди. У менинг тепамга энгашди, юзларимни силаб деди: “Ўғлим, Мен ҳаммасини кўрдим. Шунинг учун ҳам Мен шу ердаман. Тинчлангин, Мен ҳеч қачон сени ташлаб қўймайман”. Икки соатдан кейин Освальдо уйғонди. Унинг руҳи тетик, ўзини яхши ҳис қилди. Баданида бирорта калтак ўрнини кўрмади ва ниҳоятда ҳайратда қолди. Танасида на бир жароҳат, на бир чандиқ, на бир қонталашнинг ўрни бор эди!» Қўшимча мулоҳазалар Бутруснинг биринчи Мактуби Раббий учун ажратиб олинган, “Ота Худо Ўзининг азалий қарорига биноан танлаган” (1:1,2) муқаддас халқни тасвирлашга тўлиқ бағишланган. Шунинг учун ҳам муқаддаски, зеро Худонинг ўзи муқаддас, “улар фоний эмас, балки боқий уруғдан, яъни Худонинг ҳаётбахш, абадий каломи орқали янгидан туғилган” (1:23), “...ўзидан... руҳий бино барпо этган, Исо Масиҳ орқали Худога мақбул, руҳий қурбонлик келтирадиган муқаддас руҳоний бўлган...” (2:5). Қолаверса, Худонинг Каломи бизни қуйидагиларга даъват этади: “Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтарманглар. Аксинча, дуойи хайр қилинглар, чунки ўзларингиз ҳам хайр-барака олиш учун даъват этилгансизлар” (3:9). Ҳаворий Павлус турлича васвасаларнинг келиб чиқиш сабабларини кўрсатади: “...лекин бу васвасалар имонингизни синаш учун фойдали эканлигини билинглар. Ҳатто фоний олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Шу сингари, олтиндан ҳам қимматли бўлган имонингиз синовдан ўтиб, Исо Масиҳ осмондан зоҳир бўлгач, сизларга мақтов ва шон-шараф келтирсин...” (1:7). Бизнинг садоқатли эканимизни, Масиҳга бўлган севгимизни, Масиҳ суратини англаш ва Унда ўзгаришимизни синаш учун қилинган қувғинлар, - бу шундай усулки, ушбу усуллар туфайли масиҳийлар Худо учун ажратиб олинган бўладилар. Таъқиблар муқаддасликдан ажралмасдир, чунки Масиҳнинг Ўзи бегуноҳ бўлса-да, “...бошқалар Ундан нафратланган, Уни рад этган, ҳаёти қайғуга, кулфатга тўлган, Ундан одамлар юз ўгириб, нафратланган, Уни биз одам қаторида санамаганмиз” (Ишаё 53:5). Ақл учун озуқа Бутруснинг биринчи Мактуби контекстида танланган бўлиш — бу фақат алоҳида бўлиш, узоқлашиш ёки атрофдагилардан ажралиб чиқиш дегани эмас, ахир, шу тарзда биз гуноҳдан, ўзимизнинг “мен”имиздан ҳали қутулган эмасмиз. Ажралишнинг яна бошқа усуллари мавжудми? Қувғин ва таъқиблардан ташқари, Муқаддас Ёзувга биноан дунёдан бизни яна нима ажратиб туриши мумкин? Келажакдаги тадқиқотлар • Масиҳийлар ҳақида 1 Бутруснинг Мактуби 2-боб, 9-оятида мана нима дейилган: “Аммо сизлар — танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар”. Раббий бизни даъват қилди. Биз танланган, ажратиб олинган халқмиз. • Павлус сингари Худонинг Инжил Хушхабарини етказмоққа биз танлаб олинганмиз (Римликларга 1:1). • Забурнинг 138:13–16-оятларида Павлуснинг Галатияликларга Мактубида айтгани сингари, она қорнидаёқ Худо мурувват қилиб бизни танлаган, Ўз инояти билан бизни даъват этган. • Масиҳ каби, биз гуноҳкорлардан Унинг бебаҳо Қони туфайли ажралганмиз (Ибронийларга 7:26). • Ва ниҳоят, биз Раббимиз Масиҳга юракларимиздан жой берамиз, дилимиздаги умид ҳақида биздан сўраган кишига жавоб беришга доимо тайёр бўламиз (1 Бутрус 3:15). 22 — КУН. СОХТА УСТОЗЛАР “Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Ўзларини қулликдан сотиб олган Эгаларини улар инкор этиб, орангизда жуда зарарли бидъатларни тарқатадилар. Бу кишилар ногаҳон ҳалокатга йўлиқиб қоладилар. Кўп одамлар уларнинг фисқ-фужур ишларига маҳлиё бўлади. Улар туфайли ҳақиқат йўли ҳақоратга дучор бўлади. Улар тамагир бўлганидан, хушомад гаплар билан сизларнинг ҳисобингиздан давлат орттирадилар. Мана, уларнинг жазоси қадимданоқ тайёр турибди, ҳалокати эса кечикмаяпти”. (2 Бутрус 2:1) Бидъатчилар Хитой ҳаракатининг уй жамоатлари учун асосий душманлардан бири ҳисобланадилар. Ушбу жамоатлар раҳбарияти томонидан бидъатчилар таълимотининг уч муҳим манбаси белгиланган ва қуйида келтирилган. «Биринчи манба — Худонинг мавжудлигидан гувоҳлик бериб турувчи имонлиларнинг индивидуал ҳис-ҳаяжонлари. Худога мурожаат қилишнинг шахсий руҳий тажрибаси таълимот даражасигача кўтарилади, буни қабул қилишни ҳаммага зўрлайдилар. Масалан, Хэнань қишлоғининг жанубида, хонаки жамоат ҳаракати тармоқларининг бирида барча имонлилардан — ўз тасаввурларида уларга шахсий “қадимги одам” намоён бўлиши талаб этилади. Бундай талаб қўйишнинг сабаби жуда оддий: ушбу йўл орқали Худога жамоат раҳбари келган. Унга бир руҳ намоён бўлди, бу руҳни раҳбар ўз шахсиятининг қоронғу қисми сифатида қабул қилди. Руҳ унинг устидан тўла ҳукм ўрнатганини айтади. Даҳшатга тушган одам ўзининг қоронғу “мен”идан баланд келмоқчи бўлди ва Исо Масиҳнинг янада юқорироқ ҳокимиятига мурожаат қилди. Бу воқеа Масиҳга юз тутиш гувоҳлиги сифатида маълум маънода таассурот туғдиради, аммо таълимот сифатида бу ғирт бемаъни гап. Қонунчилик — бидъатчиликнинг яна бир манбаи. Қонунчилик Муқаддас Китоб ҳақиқатини йўққа чиқаради, шунинг учун ҳам озод қилишга даъват этувчи қонунчилик одамларни қулликка солади. Ҳеч бўлмаганда, қисмат ҳақидаги таълимотнинг турли–туман талқинини олайлик. Баъзи бир масиҳий жамоатлари, агар одам моддий жиҳатдан таъминланган бўлса, ўша одамни қутқарилган, деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг айтишича, бир маротаба қутқарилишни қабул қилган одам келажакда хоҳлаганича яшаши мумкин, чунки Худо кимни танлаган бўлса, ўшани осмонга олиб кетиши шарт. Шунга ўхшаш бузуқ таълимотлар Худонинг марҳаматига очиқ–ойдин тарзда соя солади. Бидъатчиларнинг муҳим манбаларидан учинчиси — оддий халқнинг ишончи. Масиҳийликни янги қабул қилган имонли ирим-чиримларни амалиётда қўллаганда, унинг эътиқодига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Хэйлунцзян қишлоғида бўлиб келган хизматчилардан бири, жамоат йиғилишининг раҳбарлари бирор қарорни қабул қилишдан олдин икки қуръа тошидан — бир тарафи силлиқ, иккинчиси нотекис бўлган икки ёғоч парчасидан фойдаланаётганликларини кўрди. Анъанавий Хитой эътиқоди бўйича, бу ёғоч парчалардан фол очишда кенг қўлланилар эди: коҳин ёғоч парчаларни тепага отиб, Худодан “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришини кутар эди. Агар ёғоч парчаларнинг бири ерга силлиқ тарафи, иккинчиси нотекис тарафи билан ерга тушадиган бўлса, унда худо “ҳа” деган бўлади. Иккала ёғоч силлиқ тарафи билан ерга тушса, худо — “йўқ” дегани, иккиси ҳам ноткис тарафи билан тушса — “унда яна бир марта ҳаракат қилгин” дегани бўлар экан. Бундай қарор қабул қилиш усулидан фойдаланаётган жамоат раҳбарлари Ҳаворийлар Фаолияти Китобининг 1-бобини далил сифатида келтирадилар. Унда айтилишича, хоин Яҳудонинг ўрнига ҳаворийлик хизмати учун икки номзоддан бирини танлаш мақсадида “қуръа ташланади”. Ёзувдан айнан шу жойни асос сифатида олган Хитой жамоатларининг раҳбарлари ким дьякон, ким пресвитер, ким воиз бўлишини билиш учун Оқшом Зиёфатида “қуръа тоши”ни ташлар эдилар. Бундай йўл билан жамоатнинг етакчи лавозимларини лойиқ бўлмаган одамлар эгаллаши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бидъатчилик билан курашнинг энг яхши усули — бу Муқаддас Ёзувни чуқур таҳлил қилишдир. Мана, Вэньчжоулик 53 ёшли ходимларимиздан бирининг фикри: “Содда қилиб айтганда, агар ҳаммамизда Муқаддас Китоб пайдо бўлса, бидъатлар ўз-ўзидан йўқолади. Бизнинг ҳудудимизда имонлиларда Муқаддас Китоб етарли даражада бор, аммо бидъат қолдиқлари олдингидай жуда кўп. Шуниси муҳимки, Муқаддас Китобни фақатгина етказиб бериш эмас, балки имонлиларга Ёзувни тўғри талқин қилишни ҳам ўргатиш лозим”». Қўшимча мулоҳазалар Ҳаворий Павлус Коринфдаги руҳонийларга қуйидагича сўзлар билан мурожаат қилган: “Орангизда эканман, Исо Масиҳдан ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса билмасликка қарор қилдим” (1 Коринфликларга 2:2). Римликларга Мактуб 14:1 да масиҳийларни шундай даъват этади: “Имони заиф одамни, унинг фикрлари ҳақида баҳслашмай, қабул қилинглар”. Жамоат Яҳё пайғамбарнинг хизматига қайтиши лозим, яъни ҳаммасидан ҳам бутун диққат-эътиборни жамоат, таълимот ёки деноминацияга эмас, балки Исо Масиҳга қаратиш даркор. Бидъатчилик ва сохта таълимот — бу қувғинга учраган жамоатга қаратилган ва ўлимга олиб келувчи иблис қўлидаги икки заҳарли қилич ҳисобланади. Улар жамоатни бўлиб ташлайдилар ва барбод қиладилар. Шу тарзда жамоатнинг ўсиб ривожланишига ҳалақит берувчи — қамоқхоналар ва азоб-уқубатларга қараганда, яна ҳам оғирроқ, қирғин келтирувчи ҳаракатларга дучор қиладилар. Ғарб имонлилари жамоатни босиб келувчи жуда катта машаққат ва диққат билан турлича таълимотларнинг оқимини енгишига тўғри келади. Улар барча мунозаралардан ўзларини олиб қочадилар ва фақатгина Исо Масиҳни тарғиб қилувчи таълимотга ишонадилар. Ақл учун озуқа Таълимот одамларни бир-биридан ажратиб юборади. Исо эса шундай дейди: “Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани ўзимга жалб қиламан” (Юҳанно 12:32). Доктрина имонлиларни бўлиб юборадиган жойда Исо Масиҳда бирлашиш лозим. Ҳозирда масиҳийларни ажратиб турувчи таълимотлардан, шунингдек, бўлиниб кетиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига мисоллар келтиринг. Агар сиз ҳам чуқурлашиб борувчи бўлиниш жараёнига қўшилиб кетган бўлсангиз, ҳозироқ бунга тавба қилиш ҳаракатини кўринг ва Худо сизни кечиришини илтижо қилиб сўранг. Доимо жамоатнинг бирлиги тўғрисида ибодат қилинг. Келажакдаги тадқиқотлар • Луқо баён этган муқаддас Хушхабардан 11-боб, 17-оятини ўқинг. Бўлиниш тўғрисида Исо нима дейди? • 1 Коринфликларга Мактубда Павлус жамоатларни бирлашишга даъват этади. “Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизлардан ёлвориб сўрайман, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-хаёлда тамомила якдил бўлинглар” (1 Коринфликларга 1:10). • 1 Коринфликларга Мактубнинг 3-боб, 3-оятида Павлус шундай дейди: “Сизлар ҳали ҳам бу дунёнинг одамларидай юрибсизлар. Орангизда ҳасад, жанжал ва келишмовчиликлар бор экан, дунёвий эмассизлар! Бундай ҳаракат қиларкансизлар, бошқа одамлардан нима билан фарқланасизлар?” • 1 Коринфликларнинг 12-боб, 25-оятида Исо Масиҳ баданда бўлинмасликка даъват янграйди. • Римликларга Мактубда 16-бобнинг 17-оятида пандянасиҳат сифатида ушбу сўзлар айтилган: “Эй биродарларим, сизларни ўрганган таълимотингиздан айнитиб, нифоқ ва ғулғулага сабаб бўладиган кишилардан эҳтиёт бўлишингизни ўтиниб сўрайман; улардан ўзингизни четга олинглар”. • Ҳикматлар Китоби 6:16–19 да Раббий ёмон кўргувчи олтита ҳаракат санаб ўтилган. Шуларнинг олтинчиси — бу “биродарлар орасига низо солгувчидир”. Амалий машғулотлар Хитой ва Судан каби мамлакатларда Муқаддас Китоб жуда ҳам кам, унинг устига бу ерда сабр-қаноат қилиш масаласи муаммо бўлиб қолмоқда. Вьетнамда баъзи бир имонлилар Забурнинг 118-саносини ёдлаб олишга мажбурлар, чунки айнан шу тариқа жамоат раҳбарлари уларга Муқаддас Китоб бериш учун навбатга ёзиб қўядилар. Сизлар ҳам Забурнинг 118-саносини оила аъзоларингиз билан, ёки бўлмаса дўстларингиз билан қисмларга ажратиб ёдлаб олишга ҳаракат қилинг. 23 — КУН. ДАЖЖОЛ “Эй маҳбубларим, ҳар қандай руҳга ишонавермангиз. Худодан бўлган-бўлмаганлигини билиш учун руҳларни синовдан ўтказингиз. Чунки дунёда кўпгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлган. Одам вужуди билан дунёга келган Исо Масиҳни тан олмовчи ҳар қандай Руҳ Худодан эмас. Бу - дажжолнинг руҳи. Дажжол келишини сизлар эшитган эдингизлар. Мана, ҳозирдан у дунёдадир”. (1 Юҳанно 4:1–3) Қуйида Хитойнинг Чжэцзян вилоятларида кезиб юрган 41 ёшли воизнинг кундалигидан парчалар келтирилган: «Қандайдир бир шаҳарга етиб келдим. Маҳаллий коҳин Дао менинг келганимдан хабар топгач, бонг урганича даосс муқаддас матнларини кўтарганча, мен тўхтаган жойга етиб келди. У менинг қиёфамда ёвуз руҳни кўрган ва шунга кўра иш тутишни лозим топди. Мен унга қарши чиқдим ва юзма-юз турганимча у учун ибодат қилмоқчи бўлдим. Коҳин эса мени қарғай кетди. Сўнгра у махфий полиция айғоқчиларини чақириб келгани жўнади ва мен зудлик билан бу ерни тарк этишимга тўғри келди. Аммо кетишимдан олдин маҳаллий уй жамоати аъзолари билан учрашувни белгилаб олдим. Мен жамоат аъзолари билан белгиланган жойда, шаҳар четидаги очиқ яйловда учрашдик. Ибодат кечаси ниҳоятда самарали ўтди. Биз эрта тонгдан то кун ботгунга қадар Худони улуғлаб шукроналар айтдик... Қандайдир ғайриоддийлик. Худо бизга намоён бўлди. Гўёки само юлдузлари бизнинг елкаларимизга тушгандай. Биз қучоқлашдик. Уч соат тинмай мен имонлиларни руҳлантириб, Муқаддас Ёзув сўзларидан гапирдим... Бу ерда — Хитойда биз қонунчиликка дуч келамиз. Эҳтимол, бу бизнинг конфуциан наслимиздир. Раҳбар қўмитамизнинг аъзоларидан бири ҳар бир имонли баданида хочга ўхшаган яраларни олиб юришини хоҳлади. Яна бошқалар Муқаддас Ёзувни овоз чиқариб ўқишни тавсия қилдилар, Муқаддас Китобни ичида ўқишдан кўра, овоз чиқариб ўқиш яхшироқмиш. Қўмитанинг ҳар бир йиғилишида биз қонунчилик билан курашамиз, худди Павлус ўз вақтида яҳудолашганлар билан курашгани сингари... Эй Раббий! Шу культлар дастидан қанчалар кўп тартибсизлик ва ғавғолар келиб чиқади. Цзянсу вилоятининг ғарбида ишлаган бир хизматчи гуруҳларда Исонинг номи билан бир қаторда ўз номига ҳамду санолар айтиб куйлашни ўргатган экан. У ёзган асарларни хорда ҳамма айтиши шарт эмиш. Кимки норози бўлса, у жамоатдан қувиб чиқарилар экан. Бизга айтишларига қараганда, жамоатлар раҳбарияти фақат итоат қилиш масаласи билан қизиқар экан. Ҳар бир имонлини улар бир мезон орқали баҳолашар эди — раҳбариятга содиқлик. Мен кассетага қонунга риоя қилишдан кўра ростгўйлик муҳимроқ эканлиги тўғрисидаги ваъзни ёзиб олдим, бу кассетани ўша ерга жўнатамиз. Лекин шундай хавф ҳам борки, улар бунга рози бўлмайдилар ва жамоатдан чиқиб кетишлари мумкин. Бидъат билан курашишнинг, эҳтимол, бир йўли қолган — бу уларни қонун билан тақиқлаб қўйиш... Яна бешта вилоят бўйлаб икки ойлик командировкага жўнамоқдаман. У ерларда мен буюк қувғинлар ва улкан шифо топишлар ҳақида эшитаман. Худо қоронғуликда ва ёруғликда шуҳрат қозонди. Мана шунинг учун ҳам У — буюк Худо, Яккаю Ягона. Хитойда Унинг марҳамати барчага қаратилган. Худонинг буюк Хушхабарини имкон қадар ҳаммага етказишим учун, У менга узоқ ҳаётни ато этди.» Қўшимча мулоҳазалар ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида дунё сохта таълимотларнинг ҳақиқий эпидемиясига дуч келди. Шу билан бир вақтда кўпинча тўс-тўполон ва ваҳшийлик билан Худонинг Ўғли борлигини инкор этган ислом, дунёда янада жўшқин ривожланаётган диний системага айланди– қолди. Сохта таълимотлар заиф ва айрим одамлар учун жуда катта хавф туғдирарди. Шоқол подадан ажралиб орқада қолган ёки мадорини йўқотган ёшгина зебра ва буғиларни қийнагани каби, улар кейинда қолганларни йўқ қилар эдилар. Ислом эса бутун бир мамлакатларни ютиб юборарди. Юлдуз ва масиҳийларга қаратилган қувғинларнинг ярим ой шакли туширилган яшил байроқ остида энг кучлилар. Ақл учун озуқа Шуни эсда тутиш муҳимки, мусулмонлар масиҳийларга душман эмас. Биродар Андрей бу нуқтаи назарни тушунтиришни яхши кўради. У ISLOM инглиз сўзини акроним кўринишида тасаввур қилади: I Sincerely Love All Muslims (мен барча мусулмонларни чин дилдан севаман). Қувғинга учраган биродарларимиз ва сингилларимизга хизмат қилиш ҳақидаги Худо даъватини эсда тутиб, Унинг чорлаётганини эшитгач, биз ниҳоятда эҳтиёткор бўлишимиз керак, токи ўлаётган одамларни иблис — ҳамма ўлаётган одамларни қаҳр-ғазабга, аччиқ ва ғам-ғусса бўёқларига ботириб ташламасин. Ҳар доим, ҳар қандай тақдирда ҳам бизнинг севгимиз бундайларга нисбатан муносабатларимизнинг асл моҳиятига айланиши керак, зеро Масиҳнинг муносабати худди шундай. Келажакдаги тадқиқотлар • 1 Коринфликлар Мактубнинг 12-боб, 10-оятида “руҳнинг фарқига бориш” тўғрисида айтилади: “Бировга мўъжизакорлик кучлари, бошқасига башоратгўйлик, яна бошқасига руҳларнинг фарқига бориш қобилияти насиб этади. Бирига турли тилларда гапириш, бошқасига бу тилларни таъбир қилиш илҳоми келади”. • Луқо баён этган муқаддас Хушхабарнинг 9-боб, 52–55 оятларида самарияликлар Исони рад қилиши тўғрисидаги ҳикоя тасвирланган: “Исо Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар Исо келишига ҳозирлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар. Лекин У Қуддусга кетаётган сайёҳ кўринишида бўлгани учун, самарияликлар Исони қабул қилмадилар. Шогирдлари Ёқуб ва Юҳанно буни кўриб, дедилар: “Раббий, истасанг, биз Илёс пайғамбар қилганидек, буларни гумдон қилиш учун осмондан олов тушсин деб айтайлик”. Исо эса уларга бурилди-да, таъна қилиб деди: “Сизлар қандай руҳда бораётганингизни билмайсизлар”. • Масиҳ хизмат қилишдан воз кечишини Бутрус маслаҳат берганда, уни қандай руҳ бунга бошлаганини Бутрус фарқлай олмади. Масиҳ эса руҳни фарқлай олди ва деди: “Йўқол кўзимдан, шайтон! Сен Мени йўлдан уряпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан” (Матто 16:22, 23). • Тимўтийга иккинчи Мактуб 1:7 да қўрқоқлик руҳи, куч-қувват руҳи, муҳаббат ва нафсни тийиш руҳи ҳақида сўз боради. • 1 Шоҳлар Китоби 16:14 да Шоулни безовта қилган руҳ тўғрисида гап кетади. • Ҳаворийлар Фаолияти Китоби 16:16–18 да Павлус томонидан қувиб чиқарилган фолчилик руҳи ҳақида хабар берилади. • Марк баён этган Муқаддас Хушхабарда Кафарнаҳум ибодатхонасидан қувиб чиқарилган ёмон руҳ ҳақида айтилган; Марк Хушбарининг 5-боб 1–13оятларида Гадара юртида бир одамдаги кўплаб ёвуз руҳларни Исо қувиб чиқаргани ҳақида сўз боради; шунингдек, ушбу Хушхабарнинг 9-боб, 14-29-оятларида ибодатдан бошқа йўл билан қувиб бўлмайдиган соқов ва кар руҳ ҳақида ҳикоя қилинган. 24 — КУН. ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! “Ваҳоланки, инсон вужудига кирган Исо Масиҳни тан олмовчи кўп алдамчилар жаҳоннинг ҳар тарафига ёйилиб кетганлар. Энг катта алдамчи — дажжол ҳам булар қаторида туради. Қилган меҳнатимизнинг маҳсулини йўқотмаслик ва ҳамма мукофотни олиш учун ўзингизга эҳтиёт бўлингиз. Ҳаддидан ошган, Масиҳ таълимотидан узоқлашган ҳар қандай одамда Худо йўқ. Бу таълимотга амал қилган киши эса Отага ҳам, Ўғилга ҳам эга бўлади. Агар бирор киши олдингизга келиб бу таълимотни ўргатмаса, уни уйингизга киритманглар, унга салом ҳам берманглар. Чунки унга салом берган киши унинг ёмон ишларида иштирок этган ҳисобланади”. (2 Юҳанно 7–11) Хитойдаги хонаки жамоатлар аъзоларидан бири “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти ишчиси Алекс Баканга қуйидаги ҳикояни сўзлаб берибди. «Чжен Цзун билан биз танишганимизда, Исо Масиҳ кетидан юраётганимизга беш йил бўлган эди. Асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган Хубэй вилоятига қарашли бўлган қишлоғимизда йигирма бешта имонли бор эди. Биз масиҳийлик радиосини тинглар эдик. Шундай тарзда бизнинг жамоатимиз юзага келди. Менинг онам аппендицитдан шифо топганда эса, бутун бошли икки оила Масиҳ эътиқодига юз тутишди. Баҳор кунларининг бирида бизникига биродар Чжен ташриф буюрди, ўшанда баъзиларнинг айтишига қараганда, у “Худо томонидан юборилган” эмиш. Унинг ўзи ҳам худди шундай дер эди. Мана энди бир йил ўтганидан сўнг, менинг ўйлашимча, бу одамни иблис юборган. Яна ким билсин, эҳтимол, мен шундай ўйлаб, қаттиқ хато қилаётгандирман. Ушбу кеча менинг хотирамда муҳрланиб қолди. Ҳамма менинг отамнинг уйида йиғилди. Шамнинг шуъласи оппоқ қилиб оқланган деворда қандайдир ғаройиб сояларни акс эттирарди. Деворда шундай сўзларни ўқиш мумкин эди: “ИСО — ЙЎЛ, ҲАҚИҚАТ ВА ҲАЁТ”. Биродар Чжень ўттиз ёшларда эди. Унинг кўриниши салобатли эди. Унинг сўзларига қараганда, у машҳур Ванг Минь Даони билар экан, биз эса шундай одам борлигини ҳам билмасдик. Бизни кимдир Шанхайдан кўргани келганининг ўзи ниҳоятда қизиқ эди — ўшангача бизнинг қишлоғимизга ҳеч ким ташриф буюрмаган эди. Унинг овози осуда жимжитликда қаттиқ ва ишончли янграр эди. Унинг қўл ва гавдани қимирлатиб сўзлашидан бутун бадани титрарди, унинг юзида икки катта кўзи ажралиб турарди. Ростини айтсам, ўша кеча у бизга нималар дегани эсимда йўқ. Унинг нотиқлик таланти бизга катта таъсир кўрсатди. У Муқаддас Ёзувдан кўплаб парчаларни ёддан айтиб берарди ва ҳар бир парчани тарихдан олинган мисоллар билан асослаб берарди. Унинг айтиши бўйича, биз кўплаб марҳаматлардан маҳрум бўлган эканмиз, у бизни Масиҳга олиб бориш учун келган экан. Шу ерда у бизни ҳайратда қолдирди, биз таажжубланганимизча, ҳайрон бўлиб бир-биримизга қараб турар эдик. Бу қандай ҳол? Наҳотки биз бошқа йўлдан бораётган бўлсак? Биродар Чжень бизга ҳақиқат йўлини кўрсатиш учун қолди. Ўша пайтдан бошлаб бизнинг жамоат йиғилишларимиз ҳам тубдан ўзгарди. Биродар Чжень бизнинг раҳбаримиз бўлди. Биз у келгунча Муқаддас Китобни ўқирдик, ўқилган парчани таҳлил қилардик, сўнгра юзага келган саволлар билан Пекиндан келган устозга биз мурожаат этардик. Муқаддас Китоб биз учун мураккаб туюлди, кўплаб оятлари нималарни англатишини ҳеч ким билмасди. Бизлардан кўпчилик қийин ва тушунарсиз сўзларни ҳаттоки ўқий ҳам олмасди, бундай сўзлар эса жуда ҳам кўп эди. Биз ибодат қилишни яхши кўрардик, шунинг учун ҳам баъзида ибодат ярим кечагача давом этиши мумкин эди. Кўпинча ибодат пайтида биз хурсандчиликдан ҳайқирадик, баъзида эҳтиромда сукут сақлардик. Биз Худонинг шу ерда, биз билан бирга эканлигини ҳис қилардик. Биродар Чжень бизни кўплаб янгиликларга ўргата бошлади. “Исони чиндан англашимиз учун, биз учта эшикдан ўтишимиз лозим”, — дейди у. Биринчи эшик — бу кўз ёшлари, деб тушунтирди у. Чжень бизга Исонинг “йиғлаётганлар бахтлидир” деган сўзларини тушунтириб берди. Шунинг учун ҳам у бизни йиғлашга ўргатди. Олдинига бу жуда ажойиб эди. Биз нола чекардик, ўкириб йиғлар эдик. Бир неча ой ўтди ва Чжень бас, етарли деди. Биз энди иккинчи эшикдан ўтишимиз керак эди. Бироқ бизнинг орамиздан икки киши, энди ҳадеб бошқалар каби йиғлай олмасликларини айтишди, биз биринчи бор Чжень ғазабланганлигини кўрдик. “Худонинг иродасига қарши чиқмаслик керак, — деди Чжень ва ўша икки биродаримизга танбеҳ берди. — Иблисга мурожаат қилманглар”. Шу икки биродаримиз қолганлар каби назоратсиз ва тинмай йиғламагунларича, жамоат йиғилишига келишларини Чжень уларга ман этди. Бу икки дўст жамоат йиғилишларига келмай қўйишди, бироқ улар қишлоқ аҳолиси орасида биз ҳақимизда турли-туман нохуш миш-мишларни тарқата бошлашди. Кейинроқ биз болаларча эътиқод ҳақида билиб олдик. “Исо ҳузурига биз кичкина болалар каби келишимиз лозимлигини амр қилган, — деди бизга биродар Чжень. — Болалар ишонувчан, соддадил ва кўнгилчан бўладилар. Улар ота-оналарига қулоқ соладилар, агар бу уларнинг фойдасига эканлигини билсалар”. Ушбу мавзуда Чжень жуда ҳам кўп гапирмасди, аммо бир неча ой ўтганидан кейин у ўзини ота, бизни — ўзининг болалари сифатида қабул қилишини англаб етдик. Нима учун бизни кутган нарсаларни биз кўра олмас эдик? Бу одам гўёки Худонинг сўзларини гапирарди, Муқаддас Китобни биларди. Ҳамма нарсага у жавоб тариқасида оятга эга эди, бироқ бу шундай ёки ундай эмаслигига биз ўзимиз ишонишимиз қийин эди, чунки бизнинг орамиздан жуда камчилик одам яхши ўқишни биларди. Орадан олти ой ўтиб жамоатимиз аъзолари тобора камайиб борарди. Лекин Чжень бизни ишонтиришича, унинг оёқлари олдида ўтириб, Масиҳ ҳақидаги гапларни эшитиш жуда маъқул иш эмиш. Учинчи эшикни у олтин эшиклар, ёки олтиндан ясалган эшиклар деб айтарди. Менга шуниси маълумки, бу учун ҳам унинг қандайдир Муқаддас Китобга асосланган ояти мавжуд эди. Тўғриси, қандай оятлиги ҳозир эсимда йўқ. Ўйлашимча, у ерда олтиндан ясалган қандайдир самовий шаҳар ҳақида гап борарди. Бу шаҳарга кириш учун биз заминдаги ҳаётимизда бутун олтинларимизни ҳозирдан Исога берганлигимизни исботлашимиз керак эди. “Осмонда бизга қаср куриши учун Исога бизнинг олтинларимиз керак бўлади, - деган эди биродаримиз Чжень, — бугунги кунда Унга қанчалик кўп олтин берсак, келажакда осмондаги уйимиз шунчалик катта бўлади”. Бизнинг ҳаммамиз эса ниҳоятда камбағал эдик. Қашшоқликдан қутулиб, биз келажакда ўлганимиздан кейин албатта олтиндан қурилган уйда яшашни орзу қилардик. Шундай қилиб, биз бор-бутимизни унга йиғиштириб бердик: оилавий нарсаларимизни, пулларни, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган қимматбаҳо матоларни. Ҳаттоки жамоат аъзоларидан кимдир узоқ йиллар мобайнида пул тўплаб, сотиб олган мотоциклини биродар Чженьга келтириб берди. Ўшанда юз берган ҳолатни зудлик билан ҳал қилиш керак эканлигини биз билмаганмиз. Аммо биз унга ишонар эдик, шунинг учун ҳам унинг таълимотини шубҳа остига олишга ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Биродар Чжень андишали, камтар, илтифотли одам эди. Бизнинг қандай эҳтиёжларимиз бўлса, ҳеч қачон “йўқ” демас эди. Биз унинг қандай одам эканлигини ҳеч қачон суриштириб кўрмаган эдик. Чженьнинг ўзи эса ҳеч қачон ўзи ҳақида, нима билан шуғулланиши тўғрида ҳеч кимга айтмаган эди — мана шунинг ўзи бизни огоҳ бўлишимизга ундаши керак эди. Барча “олтинлар” тўплаб бўлингандан кейин биродар Чжень “биз учун олтин эшиклар очиши кераклигини, шунинг учун кетиши кераклигини айтди. Биздан тўплаб олинган барча нарсаларни у мотоциклга юклаб олиб кетди. Шундан кейин биз уни ҳеч кўрганимиз йўқ. Бизнинг жамоатимиз инқирозга учради. Кимлардир ҳалигача биродар Чженьнинг қайтиб келишига ишонади, ахир, бизни Масиҳга олиб келиш учун уни Худо юборган деб ҳисоблашади. Бошқалар эса мен сингари уни ёлғончи, фирибгар деб ўйламиз. Унинг таълимоти эса бошидан бизнинг “олтинларимизга” эга бўлишга атайлаб уюштирилган деб ҳисоблаймиз. Менинг оилам ҳам барбод бўлди. Отамнинг айтишича, биродар Чжень яхши одам эмиш. Гарчанд биз отамизга очиқдан-очиқ эътироз билдира олмасак-да, оиламизнинг бошқа аъзолари ўзгача фикрдамиз. Биз ҳалигача керакли даражада Муқаддас Китобни ўқий олмаймиз. Ростини айтганда, биз ҳозирга қадар Исо Масиҳни яхши билмаймиз. Бизга шуниси маълумки, У бизни қутқарган ва бизнинг қариндошимизга шифо берган. Булардан бошқа биз учун ҳеч нарса қилмаган». Қўшимча мулоҳазалар Дажжол деб таржима қилинган сўз Муқаддас Ёзувда атиги тўрт марта — фақат Юҳаннонинг биринчи ва иккинчи Мактубларида учрайди. Юнончадан таржима қилинганда, бу сўз Мессия ўрнига деган маънони англатади. Бу тушунча конкрет шахсдан кўра, руҳга тааллуқлидир. Масалан, Ваҳий Китобида “ҳайвон”ни дажжол деб аташ мумкин. Ушбу руҳ Худо Исо Масиҳнинг ягона моҳиятини инкор қиладиган ёки камситадиганларнинг ҳар бирида учрайди. Ҳар қандай масиҳийнинг, айниқса, қувғинга учраганнинг ишонч-эътиқоди, тирик Худо — Исо Масиҳ билан доимий ёки шахсий мулоқотида асос топган бўлиши керак. Агар биз ишончсиз, ёки ўйлаб топилган персонажга суянадиган бўлсак, унда бизни васваса енгади ва биз қувғинлардан чекинамиз. Агар одам Масиҳни қабул қилса, Уни пайғамбар ёки воиз, ҳаттоки халқ ва даврларнинг энг зўр воизи деб билса-да, бироқ Масиҳ — бу Худонинг зоҳирий кўриниши эканлигини рад қилса, унда бундай одам дажжол руҳига эга бўлади ва фақат Масиҳни эмас, бошқа ҳар қандай одамнинг келишини башорат қилади. Гўёки йўлдан озиш мумкин эмас, деб ўйламаслик учун Матто баён этган Хушхабарнинг 24-боб, 11-оятидаги Масиҳнинг огоҳлантиришини ўқинг: “Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради”. Шунингдек, 23, 24-оятлар: “Агар ўшанда кимдир сизга: “Масиҳ мана бу ерда”, ёки “У ерда”, — деб айтса, ишонманглар. Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложини топсалар, ҳатто танланган кишиларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройибот ва мўъжизалар кўрсатадилар”. Қувғинга учраган жамоат ёвуз руҳни била олиши учун, қаерда пайдо бўлишидан қатъий назар, биродар ва сингилларимиз дажжолни ажрата олишлари учун ва турли сохта таълимотлар, эътирозлар билан жамоат аъзоларини йўлдан уришга дажжолга имкон бермасликлари учун ибодат қилинглар. Ақл учун озуқа Сиз нима деб ўйлайсиз, дажжол руҳи сизнинг мамлакатингизда ҳаракат қиладими? Конкрет тарзда у қандай ҳаракат қилишини айтинг. Бугунги кунда қандай маккорликлар орқали дажжол имонлиларни Масиҳдан олиб қочади? Масиҳийлар қандай қилиб дажжолни ажратиб олишлари ва уни фош қилишни ўрганишлари мумкин? Келажакдаги тадқиқотлар • Муқаддас Китоб башоратларига кўра, сўнгги кунларда кўплаб ҳодисалар юз бериши керак. Бу ҳодисаларнинг ортида дажжол руҳи ҳаракат қилмоқда. Ишаё пайғамбар Китобининг 2-бобини ўқиб чиқинг. • Шунингдек, Дониёр Китобининг 12-бобини ўқинг. • Михо Китобининг 4-бобида ўша даврлар башорати ҳақида ҳикоя қилинади. • 2 Тимўтийга Мактубнинг 3-боб, 1–9-оятларида дажжол руҳининг самараси тасвирланади. Худди шу ҳақда Бутруснинг иккинчи Мактубидаги 3-бобни қаранг. • Матто баён этган Хушхабарнинг 24-бобини ва Марк Хушхабарининг 13-бобини ўқинг. Амалий машғулотлар Қуръонда Исо Масиҳ ҳақида нималар ёзилганига қаранг ва Муқаддас Китобда У ҳақда ёзилган ҳақиқат билан уларни солиштиринг. Мачитга ташриф буюринг ва у ердаги имом билан суҳбатлашинг. Сиз масиҳий эканлигингизни имомга айтинг. Бизнинг эътиқодимизни фарқлаб турадиган хусусиятларга эътибор қилган ҳолда, исломни яхшироқ тушунишга ҳаракат қилинг. Раббий сизга мусулмонлар учун ибодат қилишга ижозат берганда — У эса албатта ижозат беради — бу маълумотлар фойдали бўлади. Фақат бу ҳақда Ундан илтижо қилиб сўраш лозим. 25 — КУН. НОПОК РАҲНАМОЛАР “Мен имонлилар жамоатига баъзи нарсаларни ёзган эдим. Аммо уларнинг ораларида ўзини катта тутаётган Диотреф бизларни қабул қилмаётир. Агар келсам, унинг қилмишларини фош этаман. У биз ҳақимизда ёмон гап тарқатиб, номимизга иснод келтириб юрибди-ку. Бу билан ҳам кифояланмай, бошқа биродарларни ўзи қабул қилмаяпти, қабул қилмоқчи бўлганларга эса тўсқинлик қиляпти ва ҳатто уларни жамоатдан қувиб чиқаряпти”. (3 Юҳанно 9, 10) Ўн миллиондан ошиқ имонлиларни намоён қилувчи Хитойдаги хонаки жамоатлар раҳбарлари 1998 йилнинг ёзги йиғилишида ўз жамоатларининг муҳим масалаларини муҳокама қилишган. Муаммолар рўйхатининг биринчи қаторларида миш-миш гаплар турарди. Жамоат раҳбарлари бу иғво гуноҳи уларнинг хизмат қилишида қандай зарар етказаётгани ҳақида бирин-кетин гапиришар эди. Хэнань вилоятидан келган бир раҳбар ҳаётида юз берган шундай воқеани сўзлаб берди: «Мен ходимлар билан Муқаддас Китоб машғулотларини ўтказиш учун оқшом пайти йўлга отландим. Бироқ семинар бўлиб ўтаётган уйга мени киритишмади. Мен ёпиқ эшиклар ортидан гап нимадалиги сўрадим. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бироздан кейин: “Бу ердан йўқол!” — деган жавобни эшитдим. Қахратон қиш эди, кун ҳам кеч бўлиб қолганди. Мен яна шаҳардан чиқиб кетиб, қаердандир тунаш учун жой топишим керак. Бунинг устига исиниш учун ўтин топиб, олов ёқиш керак эди. Нима юз берганлигини тушунтирмай, қишнинг изғирин кечасида мени шундай аҳволга ташлаб қўйишга биродар ва сингилларимни нима мажбур қилди экан? Бир биродарнинг менга раҳми келди, шекилли, яширинча уйига тунаш учун киргизди. Аста-секин ундан гап нимадалигини билиб олдим. Ушбу район жамоат раҳбарлари аноним хат олишибди. Хатда ёзилишича, “мен аёлларни йўлдан оздирувчи шахс” эканман. Шунинг учун ҳам мени семинарга киритишмаган экан. Бу бўҳтон эканлигини, менинг гапларимга қулоқ солишларини ва шу хатни менга кўрсатишларини сўраб мен қанчалик ҳаракат қилмайин, бироқ ҳамма уринишларим зое кетди. Мамлакатнинг бошқа бурчагига келгач, кейинроқ бу аноним хатни ким йўллаганини мен билдим. Бу хатни қачонлардир уятсиз қилиқлари учун мен танбеҳ берган бир биродаримиз мендан ўч олиш ниятида йўллаган экан. Мен боришим керак бўлган ўша семинар қаерда ўтишини у олдиндан билиб олган ва шу ишни қилган. Мен бу биродарни топиб уйига бордим, у ўз гуноҳини бўйнига олди ва тавба қилди. У ўша жамоатга яна бир бошқача мазмунда хат йўллади, бироқ биринчи хатини аноним тарзда ёзгани учун, энди унга бўлган ишонч йўқолди. Биз иккаламиз ҳам ўша жамоат аъзолари олдида вазиятни тушунтириш учун боришга тайёр эдик, аммо улар бизни таклиф қилишни истамадилар. Жамоат раҳбарлари зиён кўришди. Эндиликда мен қаерга борсам, ҳамма жойда аслида нима юз берганини, буларнинг ҳаммаси бўҳтон эканлигини тушунтиришимга тўғри келади. Хуллас, бу иблиснинг ғалабасидир. Менга қарши гуноҳ қилган биродарни мен шаҳар четига таклиф қилдим ва сўйилган жўжанинг патларини юлишни буюрдим. Биз юриб кетардик, у эса йўл-йўлакай патларни юлиб кетаверди. Эсган шамол эса юлинган патларни дала бўйлаб учириб кетарди. “Энди нима қилайин?” — деб сўради у патларни битта қолдирмай юлиб бўлгач. “Эндими, юлинган ҳамма патларни йиғиб олгин–да, жўжанинг ҳамма патларини жой-жойига суқиб чиқгин”, — деб жавоб бердим мен унга. “Лекин бунинг иложи йўқ”, — деди у норозилик оҳангда. “Гапинг мутлақо тўғри. Бунинг иложи йўқ. Худди шу сингари айтилган гапларнинг ҳам қайтариб олишнинг имкони йўқ. Айтилган гап — отилган ўқ”. “Ёлғон ва туҳмат иблиси” деб аталмиш ёвузликни йўқ қилиш мақсадида, жамоат раҳбарлари бир-бирларига нисбатан кўпроқ севги намоён қилишни ва яқиндан мулоқотда бўлишни келишиб олишди. Бир раҳбарнинг айтишига кўра, Ксу Йонгцзе бугунги кунда қамоқхонада экан, чунки биз ҳозиргина унинг гуруҳи ҳақида ғийбат қилдик». Қўшимча мулоҳазалар Ҳойнаҳой, энг чуқур жароҳатларни бизга қувғинга учраган, айниқса раҳбарлик лавозимини эгалловчи биродар ва сингилларимиз қолдирар эдилар. Бу ерда қурол сифатида чақимчилик ва ғийбат хизмат қилади. Булар ёрдамида имонлилар ҳийла ва найранг ишлатиб, ҳокимиятни суиистеъмол қиладилар. Субути йўқ қавмбошилар худди шундай йўл тутадилар, улар Худо Шоҳлигидан кўра кўпроқ ўз манфаатларини кўзлайдилар. Одамларни Масиҳ томонига эмас, ўзларининг томонига жалб қилиш билан машғулдирлар. Подани боқиш ўрнига, улар пода жунини аёвсиз қириб оладилар. Бу ерда ҳам дажжол руҳининг ҳаракати аниқ кўриниб турибди. Гап фақат субути йўқ қавмбошилар тўғрисида эмас, балки ўзларини самоларга кўтарувчи доминациялар ҳақида ҳам боради. Ҳукмрон бўлган доминантлар имонлиларни бўлиб ташлайдилар, бошқа жамоатларни ғийбат қилиб, Худога ҳақиқатдан ҳам ишонган, Унга бошқача ибодат қилиб, хизмат этаётганларга қарши чиқадилар. Бу сохта қавмбошилар — ҳақиқатнинг сўнгги инстанцияси, деб ким айтади? Қувғинларнинг бундай кўриниши фақатгина Осиё, Африка ва Яқин Шарқ билан кифояланиб қолмайди. Бундай ҳолат Ғарбда ҳам юз беради. Ақл учун озуқа Агар сиз ёки сизнинг танишларингиздан бирортаси субути йўқ қавмбошилардан ёки конфессионал бўлинишлардан азоб чекаётган бўлса, бу вақтни шифо топишга, ибодатга, керак бўлса, тавба қилишга сарфланг. Сизга зиён етказганни кечириш учун Муқаддас Руҳдан сизни мукаммал қилишини илтижо қилинг. Биродарлар орасида низо келиб чиқишига сизнинг ўзингиз сабабчи бўлмадингизмикан? Шуни кўрсатиб беришини Худодан сўранг. Сизга эр сифатида, хотин сифатида, ота сифатида, она сифатида ёки раҳбар сифатида берилган ҳуқуқни сиз суиистеъмол қилмадингизмикан? Агар шундай бўлса, зудлик билан Худо олдида гуноҳларингиз учун тавба қилинг, Унинг кечиримини олинг ва кўникинг. Ва ниҳоят, таъқиб қилинаётган жамоатдаги калтакланган ва яраланган биродарларингиз учун ибодат қилинг. Келажакдаги тадқиқотлар • Нопок қавмбошилар бошидан Худо халқини хонавайрон қилиб келганлар. Ишаё Китобининг 56-бобида Раббий уларни жазолагани ҳақида сўз юритилади. • Ермиё Китобининг 23 ва 50-бобларида Исроилнинг нопок чўпонлари Худонинг қўйлар подасини тарқатиб юборганлари ва уларни адаштириб қўйганлари ҳақида ҳикоя қилинади. • Ҳизқиё Китобининг 34-боби фақат ўзини ўйлаб, шифо бермаган ва қўйларни қўриқламаган чўпонлар ҳақида башорат қилади. • Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 10-боб, 20-ояти ёлланганлар ишга қандай муносабатда бўлишлари ҳақида огоҳлантиради. 26 — КУН. ИМОНИНГНИ ИБРАТ ҚИЛ! “Эй севганларим, бошда Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари томонидан айтилган сўзларни эсдан чиқарманглар. Улар сизларга: “Охирги замонларда ўз нафсига маҳлиё, Худодан қўрқмас масхарабозлар пайдо бўлади”, — деб айтишган эди. Мана булар жудолик солувчи, моддиятга қул, Муқаддас Руҳдан маҳрум одамлардир. Сизлар эса, эй севганларим, азизу муқаддас имонингизни ибрат қилиб, ривож топинглар, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ибодат қилинглар. Абадий ҳаёт учун Раббимиз Исо Масиҳнинг марҳаматига кўз тутиб, ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар”. (Яҳудо 1:17–21) Биз — Муқаддас Китоб Масиҳ Танаси деб номловчи имонлилар жамоатининг бир қисмимиз. Биз бир-биримизга жуда керакмиз. Мана ўн йил мобайнида “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти таъқибга учраган жойлардаги имонлиларни қўллаб-қувватлаб, далда бериб келмоқда. Гарчанд баъзида руҳни қутқариб қолиш учун бутун ташкилотни эмас, балки биргина одамнинг аралашуви талаб этилади. «Руминияда кучли таъқиблар вақтида бир ёшгина имонлини сўроқ қилиш учун махфий полиция ҳузурига чақиртиришади. Унинг ўзи кўпдан бери бундан кўрқиб юрарди. Полиция маҳкамасида биродар ва сингилларининг айғоқчиси бўлишни унга таклиф этишганда, у даҳшатга тушди. Албатта бекорга эмас, маълум ҳақ ва унинг хавфсизлиги кафолатланади. Бу таклифни йигит қабул қилмади, бироқ қатъий равишда рад ҳам этмади. Шунинг учун ҳам руҳий изтироб чекарди. У ухлай олмасди, қўрқувдан ва гуноҳ азобидан дир-дир титрарди. Кейинги куни эрталаб шу жамоатдаги Худо Руҳи етакловчи бир мўйсафид чол йигитнинг уйига кириб қолди. Йигитнинг оғир аҳволда эканлигидан чол бехабар эди. Бироқ чолнинг ўзи қачонлардир эътиқоди учун қамоқхонада ўтириб келган эди, шунинг учун гап нимадалигини дарров тушуниб олди. Сўнгра йигитга Муқаддас Китоб маслаҳатини берди. Чол ёшгина биродарини қўллаб-қувватлади ва эртаси куни оқшомда белгиланган қаттиқ сўроққа уни тайёрлади. Аммо иккинчи сўроқдан кейин ҳам йигит бир қарорга келолмас эди. Чол яна уни кўнглини кўтариш учун келди. Орадан уч кун вақт ўтди. Ва ниҳоят, махфий полициячиларнинг таклифини қатъий рад этишга ёшгина биродаримизнинг куч-иродаси етди ва уни полициячилар бошқа безовта қилишмади. Руҳий зийраклик, маслаҳат, ибодат ва сабрли ғамхўрлик йигитни қутқариб қолди ва имонини мустаҳкамлади». Қўшимча мулоҳазалар Таъқиб ва қувғинлар муқаррардир. Энг яхшиси — уларни Масиҳ қўлидан олишдир. Масиҳийлар қувғинлардан қочиб қутула олмайдилар. Шунинг учун ҳам биз уларга қарши саботли бўлишимиз, чидашимиз ва имонда қатъий туришимиз керак. Фақат шундагина Худо бизнинг олдимизга қўйган мақсадга эришишимиз мумкин. Худди шундай топшириқни Ваҳий Китобининг 3-боб, 2-оятига асосланган ҳолда 1954 йили “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти биродар Андрейга юклади: “Бедор бўл! Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй...” Ибодат орқали, жамоатларга ташриф буюриш, Муқаддас Китобларни тарқатиш ва ёшгина қавмбошиларга насиҳат қилиш туфайли биз жамоатларни қувғинларга учрашга тайёрлаймиз ва азоб-уқубатлар гирдобида уларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳаммасининг маркази эса — Исо Масиҳ. Барчаси У билан бўлган юракдаги муносабатларнинг ривожланишига ва мустаҳкамланишига қаратилади. Яҳудо йигитлари билан юз бергани сингари, биздан алангани олиб қочган ёки тошбўрон остида қолган Стефанга илоҳий манзарани очган, ёки епископлар Ридли ва Латимерга жабр-зулмда сабр-тоқатни инъом этган Масиҳ — ҳар доим ва ҳар ерда бизнинг бошпанамиз бўлиб қолади. Ҳар доим ва ҳар ерда Раббий номи биз учун — мустаҳкам қалъа. Зеро У ҳеч қачон ва ҳеч ерда бизни ташлаб қўймайди, бизни эсдан чиқармайди. Ақл учун озуқа Бу вақтингизни Худо билан мулоқотда ўтказинг. Агар сиз бу китобни бир ўзингиз ўқиётган бўлсангиз, масалан, бирор мусиқа асбобини чалишни билсангиз, унда Раббий учун чалинг ва Унга ҳамду санолар айтинг. Агар сиз гуруҳ билан шуғулланаётган бўлсангиз, унда ибодат ёзилган кассетани биргаликда тингланглар. Бу вақтни сиз севгига тўла бўлган хат ёзишга, ёки бўлмаса, сизнинг севгингизни Исога намоён этувчи шеърни ёзишга бағишланг. Келажакдаги тадқиқотлар • Павлус Ҳаворийлар Фаолияти Китобида жамоатларга панд-насиҳат билан мурожаат қилган. “Энди биродарларим, сизларни Худонинг паноҳига ва Унинг иноятли каломига топшираман. Бу калом сизларни мустаҳкамлашга ва Худонинг бутун азизлари билан сизларга ҳам насиб этган мерос улушига сазовор қилишга қодирдир” (20:32). • Римликларга Мактуб 15:1–6 да кучлилар кучсизларнинг ожизлигига сабр-бардош қилишга даъват этилганлар. • 1 Коринфликларга Мактуб 14:1–25 да Руҳнинг инъомлари жамоатни мустаҳкамлашга берилганлиги тўғрисида гап кетади. • 1 Салоникаликларга Мактубда айтилишича, бизга бир-биримизга ёрдам қилиш ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш амр этилган. “Шунинг учун ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир-бирингизга далда бериб, ёрдам қилинглар” (5:11). 27 — КУН. ҲАҚОРАТЛАНГАНЛАРГА МУКОФОТ “Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолибга Худонинг жаннатидаги ҳаёт дарахти мевасидан ейишни эҳсон этаман. <...> Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолиб келган иккинчи ўлимдан ҳеч бир зарар кўрмайди. <...> Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолибга сирли манна ва бир оқ тош бераман. Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилганки, уни тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким билмайди. <...> Ғолиб келган ва охиригача Менинг ишларимга эргашганга халқлар устидан ҳукмронлик қилишни ато этаман. Бу иқтидорни Менга Отам ато қилган, Мен эса уни шогирдларимга ато этаман. У темир таёқ ила халқларга чўпонлик қилади, улар эса сопол идиш сингари синиб кетади. Унга тонг юлдузини ҳам ато қиламан. <...> Кимки ғолиб келса, шундай оқ кийим кияди. Мен унинг номини ҳаёт китобидан ўчирмайман, Отам Худо ва Унинг фаришталари олдида унинг номини тан оламан. <...> Ғолибни Мен Худойимнинг маъбадида устун қиламан, у бошқа у ердан чиқмайди. Унинг пешанасига Худойимнинг номини, шунингдек, Худойим олдидан, осмондан тушадиган Худойимнинг шаҳри — янги Қуддуснинг номини ва Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман. <...> Ғолибга ўзим билан бирга тахтимда ўтиришни ато этаман. Чунки Мен ҳам ғолиб келиб, Отам билан бирга Унинг тахтида ўтирдим.” (Ваҳий 2:7, 11, 17, 26, 27; 3:5, 12, 21) Қавмбоши Унг Софал Пномпанда (Комбоджа) ва унинг ён-атрофидаги вилоятларда саккизта хонаки жамоатга асос солган. Бугун “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилотининг миссионери Пол Эстабрукс Унг Софал ҳаётидан бир тарихни сўзлаб берди. «1975 йили мамлакат қизил кхмерлар ҳукуматига ўтди. Шундан озгина олдин Софал олти юздан ошиқ масиҳийларга жамоат йиғилишида ваъз айтди. Яқинлашиб келаётган хавфни сезган имонлилар шундай қарорга келишди: кимки уларнинг орасидан Пномпеньга қайтиб боришга имкон топгудек бўлса, албатта ўз исмларини жамоат биносининг орқа деворига ёзиб қўйишга аҳд қилишди. Йиллар ўтди, бинонинг деворига фақатгина учтагина исм ёзилди — Унгнинг исми ва қамоқхонадаги ўлимдан ғайритабиий тарзда қочган шу жамоатнинг икки аъзосининг исми. Геноцид даврида Унг билан рафиқаси учинчи — энг кенжа ўғилдан ажралиб қолишди. Бир неча марта Унгнинг ҳаёти қил устида бўлди. Уни хотин ва болаларидан айириб олишди ва қишлоқ хўжалик ишларига юборишди. Шу оғир вақт мобайнида Унг нафақат олтмиш бешта одамни Масиҳга олиб келишни уддалади, балки уларни сувда чўмдириб имонга киритди. Турлича вазиятларда ва ҳолатларда Худо ажойиб тарзда уни ўлимдан сақлаб қолар эди. 1979 йили Кампучияни (олдинги Камбоджани) вьетнамликлар босиб олишганда, Унг Софал Пномпеньга қайтиб келди. Эндиликда бу шарпалар шаҳри эди. Озгина масиҳийлар билан қавмбоши хонаки жамоатни яратди. Саккиз ой ичида уй жамоати беш аъзодан олти юз аъзогача кўпайиб кетди. Рождество байрамига у бир неча масиҳийларни, шу жумладан, ғарбдаги хайрия ташкилотларининг аъзоларини таклиф қилди. Натижада “қонунга хилоф тарзда фаолият” юритгани учун уни икки ҳафтадан кейин қамаб қўйдилар ва уни ЦРУ агентлари иштирокида сиёсий митинг ташкил этганликда айбладилар. Уни узоқ сўроқ қилишар, аямасдан дўппослашарди. Сўроқлар ҳеч қандай натижа бермагандан кейин, унинг қўл ва оёқларини кишанлаб қўйишди ва беш ойга зиндонга ташлашди. У ўттиз беш килограммга озиб кетди ва ниҳоятда дармонсизланди. Бироқ Раббий унга рўза тутишни ва уч кун гапирмасликни амр этганини у эшитди. Рўзанинг сўнгги куни ҳукумат аъзолари уни ўляпти деб қўрқиб кетишди ва зудлик билан қамоқхонанинг шифохонасига ўтказишди. У ерда азоб чекаётган одамларнинг овози эшитилиб турарди. Бу одамларни электр токи билан қийнашар эди, камига уришарди ва тепишарди. “Гарчанд мени уришмаса ҳам, қалбим изтиробда эди”, — дейди у “Лос Анджелес Таймс” редакциясидан келган репортёрга. — У ер дўзахнинг ўзи эди, бироқ Худо мени ҳимоя қилди”. Масиҳий бўлган бир кубалик шифокор фойдали методни қўллаб Унг Софални даволади. Бир куни кечаси қаттиқ довул бўлди ва ҳамма ёқда чироқ ўчди. Шундан фойдаланиб Унг қочиб кетмоқчи бўлди, шифокор эса қочишда унга ёрдам берди. Кейинроқ Унг хотини ва болалари билан Таиландга кўчиб ўтди ва у ерда ўн йил мобайнида Камбоджа қочоқларига хизмат қилди. Беш йил олдин Унгнинг хотини вафот этди. “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти учун берилган репортажда ушбу воқеани Эндрю Уарк мана шундай якунлайди: “1990 йили Камбоджада масиҳийларга нисбатан қувғинлар анчагина пасая бошлади ва Унг жамоатни қўллаб–қувватлаш ва ундаги хизматни йўлга қўйиш учун ўз она юртига қайтди. Унгнинг қайтиб келганлиги ҳақидаги хабар бир зумда ҳамма ёққа тарқалди ва у билан учрашиш учун уч юзтадан ошиқ одам келди. Бу учрашувга Камбоджанинг премьер-министри ҳам таклиф этилди. Қирқ дақиқа ичида бу қавмбоши вайрона бўлган мамлакатни яна қандай қилиб қайта тиклаш ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашди, шу жумладан, ўқув юртларни, шифохоналарни ва етим болаларга меҳрибонлик уйларини қуришни у режалаштирди. Унг яна хизматга тайёр. “Мен ўз халқимнинг кўнглини кўтариб далда бермоқчиман, — деди у. — Камбоджада Худонинг ҳали қиладиган иши жуда кўп”». Қўшимча мулоҳазалар Исо “Ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади” (Ибронийларга 12:2). Имонлилар билан ҳам худди шундай бўлади. “...Раббимиз ҳузуридаги шодлик — сиз учун мадад”, - Ноеминнинг сўзлари шундай (8:10). Забур 50:14 да Худо нажотининг қувончи ҳақида айтилади: “Нажотинг ила мени қайта қувонтиргин, иродали руҳ ила мени мустаҳкамлагин”. Хўш, бу қандай қувонч экан? Бу — гуноҳ қуллигидан қутулиш қувончи. Бу — печлардаги дўзах оловидан бизнинг қутулишимиздир. Бу — бизни Худо билан бирлашишимиз натижасида юзага келган тинчликдир. Бу — бизга таклиф этилган хурсандчилик, Исо Масиҳнинг хизматкори, дўсти, биродари, синглиси, Келини бўлиш қувончидир. Бу — ҳаёт дарахти мевасидан тановул қилиш, иккинчи бор ўлимда зарар кўрмаслик, оқ тошга ёзилган янги номга эга бўлиш, халқлар устидан ҳукмронлик қилиш, Исонинг тонг юлдузига эга бўлиш, ҳаёт китобига киритилган исмга покликда ва солиҳликда бўлиш, хавф-ҳатардан йироқда юриш ва Худога тегишли бўлиш, Худонинг шаҳрида яшаш ва У билан бир тахтда ўтириш демакдир. Бизга ато этилган хурсандчилик — абадий ҳаётдан ўзга нарса эмас. “Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир” (Юҳанно 17:3). Ақл учун озуқа Футболист машаққатли тренировкаларга ва оғир машқларга мунтазам равишда қатнайди, у тренернинг сўкишларига чидайди. У ўз мақсадига — ғолибликка эришиш учун ҳамма-ҳаммасига тоқат қилади ва бутун диққат-эътиборини тўлиқ шунга қаратади. Сиз хоҳлаган нарсага эришиш учун ихтиёрий равишда, хурсандчилик билан қандай қурбонликлар келтирасиз? Худо Шоҳлигига киришингиз учун сиздан қандай қурбонликлар талаб этилади? Нажот топганингиздан кейин қурбон ва жабр-зулм масиҳий ҳаётида қандай вазифани бажаради? Келажакдаги тадқиқотлар • “Ваҳий бўлмаса эл-юрт йўлдан озади, Худонинг Қонунига риоя қилган бахтлидир” — Ҳикматлар 29:18. • Қувғинга учраганларнинг мукофоти буюк бўлади. “Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган” — Матто 5:11, 12. • Исо ҳар кимни қилган ишига қараб тақдирлайди. “Инсон Ўғли Ўз Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келишида, ҳар кимни ўз қилмишига яраша тақдирлайди” — Матто 16:27. • Колосаликларга Мактубда мукофот ҳақида бошқача ваъда берилади. “Қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар. Худодан абадий мукофот олишингизни ўйлаб, Эгангиз Масиҳга хизмат қилинглар” — Колосаликларга 3:23, 24. • Мусо — ишонч-эътиқоднинг ажойиб намунасидир. “Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ . Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт” — Ибронийларга 11:6. • Сўнгги ва буюк ваъда Ваҳий Китобининг 22-боб, 12-оятида мужассам: “Мана, Мен тез келаман, қаримтам Ўзим билан, ҳар кимга қилмишига яраша садо бергумдир”. Биз учун энг яхши мукофот — Исо Масиҳнинг Ўзидир. Амалий машғулотлар Масиҳийликка душманлик муносабатида бўлган мамлакатлардан қувғинга учраган биродар ва сингилларимиздан фарқли ўлароқ, биз ҳеч қачон таъқибга учрамаганмиз деб айтсак ҳам бўлади. Буни яхшироқ англаш учун Муқаддас Китоб тўгараги машғулотлари дарсларини қоронғу, дим хонада ўтказинг. Сизларнинг ҳеч бирингизда Муқаддас Китоб йўқ. Қандайдир мусиқа асбоблари тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, проекторлар йўқ, жамоат мадҳиялари мажмуаси йўқ ва ҳаттоки ёритқич чироқлар ҳам йўқ. Сиз биттадан ёки иккитаданга бўлиниб тўпланишингиз керак, бунинг устига ҳар тарафдан келишингиз лозим. Агар сиз гаплашсангиз ёки ҳамд-саноларни куйласангиз, унда буни секингина, пичирлаб қилинг, токи сизларнинг овозларингизни эшитиб қолиб, жазолашмасин. Сизга тайинланган қавмбоши ҳеч қандай конспектларга мурожаат қилмай, фақат эслаб қолганини ёки ёдлаб олганини гапириши мумкин. Бундай йиғилишлар соатлаб чўзилиши мумкин, чунки биродарлар кўпинча озодликда бўлмайдилар. Жамоат йиғилиши тугагандан кейин ҳам тўпланганингиз каби астагина, бировга сездирмай биттадан ёки иккитаданга бўлиниб тарқалинглар. (Шунга ўхшаш тадбирни ташкил этар экансиз, сиз гуруҳингиз аъзоларининг баъзи-бирларига махфий полиция агентларининг ролини топширишингиз мумкин. “Тревога” сигнали бўлганда, масиҳий гуруҳ қандай ҳаракат қилиши мумкинлигини олдиндан келишиб олиши лозим.) 28 — КУН. УЛУҒ ОБРЎ-ЭЪТИБОР “Муқаддас Руҳга тўлган Стефан эса осмонга тикилиб қараб, Худонинг улуғворлигини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўрди...” (Ҳаворийлар 7:55) Собиқ Совет Иттифоқида масиҳий адабиётларни тарқатгани учун Зинаида Вильчинскаяни қамоққа олишди. Ўшанда у момо эди. Мана унинг ҳикояси: «Мен биринчи бор милиция маҳкамасига тушганимда, мени темир каравотлари бор ниҳоятда заҳ камерага ташлашди. Соқчилар иссиқ пальто ва рўмолимни олиб қўйишди. Мен биргина кўйлагимда сим каравотга ётдим. Совуқдан аъзойи-баданим титраб, ибодат қила бошладим. Камерадошим ибодат қилаётганимни кўриб ёнимга келди ва тиз чўкди, сўнгра деди: “Вой, бошқа чидай олмайман. Мен ҳам музлаб қолдим”, — ва секингина йиғлашга тушди. “Раббий, - деб илтижо қилдим мен, - агар Сен шу камерада менинг ўлишимни лозим топсанг, Сенинг ироданг амалга ошсин; буни севги, сабр-тоқат ва беозорлик ила бошимдан кечиришимга ёрдам бер. Лекин Сен менга ёрдам беришинг мумкин. Агар Сен ихтиёр қилсанг, мени бу ердан олиб чиқишинг ҳам мумкин”. Мен яна қайтиб сим каравотга ётдим, исий бошладим. Шунда ёнимдаги аёл маҳбусга мурожаат қилдим: “Кел, сени қучоқлаб олай, ва сен ҳам исийсан”. Шу тарзда биз исидик. Кейин бизни бошқа-бошқа камераларга ўтказишди ва ўша аёл камерадошларига шундай деб айтибди: “Бизнинг камерамизда Женя холани (улар мени шундай деб аташарди) Худо иситди, хола бўлса — мени”». Қўшимча мулоҳазалар Забадий ўғли Ёқубнинг бошини олиб ташлашди — бу ҳаворийларнинг энг биринчи жафокаши эди. Ҳикоя қилинишича, Маттони ҳам бошидан жудо қилишган экан. Бутрус, Андрей, Яҳудо ва Бартолмейни хочга тортишган. Фомани найзалар билан яралаб, ёниб турган печда куйдиришган экан. Баъзи ҳикоялардан Худонинг ҳурматли хизматкорлари буюк жабр-зулмларни бошларидан кечиришгани ҳақида, азоб тортиб ўлишгани ҳақида билиб оламиз. Бошқаларида эса, масалан, Стефан ҳақидаги ҳикояда айтилишича, биродар ёки сингил оғриқни сезмас эканлар, агар уларга оғриқ етказилса ҳам, бу оғриққа чидаш мумкин. Бизга бир нарса кафолатланган: бошқа дунёга биз ёлғиз кетмаймиз, ҳатто жабр-зулм чексак ҳам. бу — бизнинг маълум вақтгача яширин бўлиб келган улкан устунлигимиздир. “Эй Ёшуа, бир умр ҳеч ким сенга бас кела олмайди. Мусо билан бўлганимдай, сен билан ҳам бирга бўламан. Сени тарк этмайман, ҳеч қачон ташлаб кетмайман” (Ёшуа 1:5). Шундай ваъда бизга ҳам берилган. “Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан” (Матто 28:20). Исо Масиҳга оғишмай эътиқод қилсангиз ва Унга тўхтамасдан боқсангиз ҳамма нарса хиралашади, сўнади ва аста–секин назардан йўқ бўлиб кетади. Ҳаворийлар азоб чекканларида хурсанд бўлардилар, уларнинг характери бизникига қараганда қатъий ва жасур бўлганлиги учун эмас. Шунинг учунки, улар жабр-зулмга ва хўрликка катта аҳамият беришмаган ва аввалам бор ҳамма нарсани, шу жумладан, Исонинг азоб-уқубатларини ҳам У билан баҳам кўришга интилишни шон-шараф деб билганлар. Ақл учун озуқа Бизнинг азоб-уқубатларимиз пайтида Худонинг содиқлигига яққол ишонч ҳосил қилиш мақсадида, агар биз осонликча исбот қилолсак эди, ёки ишониш учун тажриба ўтказа олсак эди, бу нақадар ажойиб бўлар эди! Ўшанда, агар Худо ёрдам бера олмаганда эди, биз озгина зарар кўрар эдик — қаттиқ оғриқларсиз, ножўя таъсирларсиз, қийинчиликларсиз. Аммо бундай тажрибаларни натижада мўъжиза, деб атаб бўлмайди. Павлус 2 Коринфликларда айтганидек, агар биз ҳақиқатдан ҳам эътиқод билан яшасак, унда азоб чекишимиз ҳам, ўлишимиз ҳам эътиқод билан амалга ошади. Бу ҳақда биз яхши кўрган мадҳияда ҳам айтилади: “Унинг кўлларини кўрмаганингизда, Унинг юрагига ишонинг”. То Раббий бизни Ўзига олмагунча, бизнинг У билан осмонда учрашишимиз бизга аниқ маълум бўлмайди. Худди шундай бўлишига эътиқод бизни ишонтириши даркор. Келажакдаги тадқиқотлар • Раббийни барча чорлаганларга У яқин. “Худовандга мурожаат қиладиган, чин қалбдан мурожаат қиладиган ҳар бир инсонга У яқиндир” — Забур 144:18. • Раббийга яқин бўлиш — ўзимизнинг қўлимиздадир. “Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади...” — Ёқуб 4:8. • Биз қаерда бўлмайлик ва бу ҳаётда биз билан нима юз берса ҳам, изтироблар вақтида биз Худонинг хотиржамлигига умид боғлашимиз мумкин. • Ишаё Китобининг 43-боб, 2-ояти бизга сув ва оловдан қутқарилиш тўғрисида дарак беради, аммо биз шуни ҳам биламизки, кўплаб муқаддас авлиёларни эътиқоди учун сувда чўктиришарди ёки оловда ёқишарди. У ҳолда бу ваъда бизга қандай имкон беради? Сув ҳам, олов ҳам Худонинг ҳозиру нозирлигига ишончдан, Худонинг севгисидан бизни маҳрум эта олмайди ва ўлмас руҳимизга зиён етказа олмайди. 29 — КУН. ВАЪДА ҚИЛИНГАН ҚУВҒИНЛАР “Сен ҳамма нарсадан воқифдирсан, эй Эгам, мени эсла, ёрдам бер, мени қувғин қилганлардан ўч олгин. Ғанимларга сабр-тоқат қилиб, мени ҳалок қилишларига йўл қўйма. Сени хўрлаганимни эсингдан чиқар”. (Ермиё 15:15) Чугуевка Сибирь посёлкасидаги рус масиҳийлар жамоати имонлиларининг гувоҳлик беришича, уларнинг зиммасига тушган кўплаб қийинчиликлар Инжил Хушхабарини тарқатиш иштиёқига нафақат путур етказмади, балки меҳнат қилиш истагини ҳам мустаҳкамлади: «Аввалдан Худо оғир кунлар келиши ҳақида уларни огоҳлантирган, бу башорат уларга куч–қувватни ато этарди. Уларнинг ишончлари комил: Худонинг инояти уларга сўнгги муваффақиятни таъминлайди. Чупинга (КГБ ходимларидан бири) ўхшаш одамларнинг таклифини қабул қилиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Худога итоат қилиш давом этарди, Масиҳ Хушхабари тўғрисида гувоҳлик беришни ва Худо Каломини кенг ўрганишни ташлаб қўйишмади. Хушхабарчиларнинг бир нечта гуруҳи — уларнинг ихтиёрида икки автомобиль ва тўртта мотоцикл бор эди — ҳар ҳафта ваъз қилишга чиқишар эди... Чугуевкалик хушхабарчилар ўзларининг маслаклари билан бошқалардан ажралиб туришар эди. Узоқ йиллар давомида ўз ҳолича яшаган ва шу билан бирга ёлғизликдан нолиган масиҳийни учратгач, улар одатда шундай деб сўрашар эди: “Сиз хизмат қилаётган жойда бирор кимса сизнинг масиҳий эканлигингиздан хабардорми?” Кўпинча уларнинг саволларига салбий жавоб беришарди. Шунда хушхабарчилар қуйидагича маслаҳат берардилар: “Иш жойингиздаги дўстларингизнинг бирортасига Масиҳ уларни севишини айтиб кўринг”, — қоидага кўра, бу одам хушхабарчилар билан бўладиган кейинги учрашувга, албатта, хизматдаги дўстини етаклаб келарди». Қўшимча мулоҳазалар Масиҳий эра кириб келишидан анча олдин Худо ҳаммани бир неча бор огоҳлантирган: Уни яхши кўрган барча одамларни иблис қувғин қилади, чунки иблиснинг ўзи Уни ва Унга тегишли бўлган ҳамма нарсани ёмон кўради. “Сендан мен паноҳ топдим, эй Худованди карим! — деб илтижо қилади Довуд. — Ҳамма қасдимга тушганлардан қутқар, халос эт! Акс ҳолда, шердайин жонимни тишлаб парчалар, чилпарчин бўлурман, халоскорим қолмасдан” (Забур 7:2, 3). Ушбу сўзлар ажойиб тарзда милодгача 110 йилда яшаган Игнатнинг зорланишига ўхшаб кетади. Бундай сўзларни Игнат Траян императорининг майдонига — оч шерларга ем бўлишга олиб чиқилишдан олдин айтган эди: “Мен — Масиҳ буғдойининг бошоғиман, токи мен Унинг ҳузурида тоза нон сифатида намоён бўлишим учун, ҳайвонлар мени ғажиб ташлашди”. Забурнинг 118-сано, 86-оятида Довуд пайғамбар бўлажак Жамоат ҳақида каромат қилган: “Барча амрларинг ҳақдир Сенинг, ноҳақ изимга тушганларга қарши туриб, менга ёрдам юборгин”. Худо халқининг қувғинларга учраши Масиҳ келишидан юзлаб йиллар олдин башорат қилинган. Ҳозирги вақтда таъқиб ва қувғинлар ҳамон давом этаётганлигига ажабланмаслик керак. Қолаверса, уларнинг кучи борган сари ошмоқда. Ақл учун озуқа Эътиқоди учун қувғинга учраганлар, азоб чекаётганлар ва қийналаётганлар ҳақида эшитганингизда, сизнинг ҳаёлингизга қандай фикрлар келади? Қачонлардир сиз ҳам шуларни бошингиздан ўтказишингиз мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Сиз ваҳимага тушасизми? Биродар ва сингилларингизга сизнинг раҳмингиз келадими ва уларнинг қаршисида тиз чўкишга эҳтиёж сезасизми? Барча қўрқув ва шубҳа-гумонларингизни Раббийга ҳавола қилинг ва Худога содиқ бўлганларнинг юрагини севгига, жасурликка ва тинчликка тўлдиришини ибодат килиб Ундан сўранг. Келажакдаги тадқиқотлар • Қувғинларга қарамасдан, Худонинг марҳамати биз билан, токи биз ҳам доимо эътиқодда бўламиз. “Мени таъқиб қилаётган душманларим кўп, бироқ Сенинг шаҳодатингдан мен чиқмадим” — Забур 118:157. • Худонинг Каломи қувғинларга қарши бизнинг юрагимизни мустаҳкамлайди. “Бетавфиқлар ўз домига тортди мени, вале Сенинг Қонунингни унутмадим” — Забур 118:61. • Забурнинг 142-сано, 9-оятида қувғинларда ва азоб-уқубатларда қандай қилиб омон қолиш учун Довуд йўл кўрсатади. “Душманларимдан халос қилгин, эй Худованд! Мен Сенинг ҳузурингга югураман”. 30 — КУН. РАББИЙ ИСО “Қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас, деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар”. (Юҳанно 15:20) Исонинг таъкидлашича, қувғинлар муқаррардир. Биз хавф-хатардан ва душманлардан қочиб қутулолмаймиз, чунки биз Унинг хизматкорларимиз. Шундай бўлса-да, Павлус ва кўплаб масиҳийлар сингари биз олдинга қарашимиз керак. “Биродарлар, мен ўзимни муродимга етишганман деб ўйламасам-да, фақат бир нарсанигина ўйлайман: орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман. Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади. Мен буни адо этиб, ғалаба гулчамбарини қўлга киритиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан” (Филиппиликларга 3:13,14). Қавмбоши Иосиф Бондаренко, кўплаб бошқа имонлилар сингари, худди шундай интилишни ҳис этади. Бугун Пол Эстабрукс бизни Латвиянинг Рига шаҳридаги русча сўзлашадиган жамоат қавмбошиси билан таништиради: «Қавмбоши Иосиф Бондаренко қуёш тушиб турган дарё пароходининг палубасида ўтирар эди. Пароход Тюмен портидан шимолга, дарёнинг қуйи томонига қараб сузиб кетарди. Олтин куз фасли эди. Аммо бу пароход Севги Кемаси эмасди. Эски ва кичкинагина дарё кемачасида бир юз элликта имонли саёҳатга чиқишди ёки кейин уни “салб юриш” деб ҳам номлашган. Йўловчилар Шимолдаги шаҳарларда Инжил Хушхабари ёйилишига ёрдамлашмоқчи бўлдилар — олдин Инжилни ҳеч эшитмаган жойларда Хушхабарга даъват этишни аҳд қилдилар. Қуёшнинг чиройидан ва Худонинг ижодидан завқланиб, Биродар Иосиф ёшлигидаги — 50 — 60- йиллардаги хизматини эслади. Хушхабарга фаол даъват этгани учун у уч маротаба турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм этилди. Жазо муддатларини жуда ёмон қамоқхона камераларида ўтади. Худо уни сақлади ва унинг хизмати узилиб қолишига йўл қўймади. Қамоқда юрган вақтларида Иосиф Масиҳга қанчадан қанча одамларни олиб келди, қамоқхона раҳбарияти ҳар сафар уни бўшатиб, қутулардилар. Севимли хотини Мария билан кўришмай, қамоқхоналарда ҳаммаси бўлиб тўққиз йилни ўтказди. 1989 йилдаги ажойиб кунни эслаган Иосиф жилмайди. Уни қачонлардир қамоққа ҳукм этган КГБ офицери у билан суҳбатлашгани келибди. Узоқ йиллар мобайнида у Иосифни кузатиб юрган, мана энди офицер Масиҳни билишни ихтиёр этибди. Бу ходимни ва унинг оиласини сувга чўмдириб, имонга киритган кунни эслаган Иосифнинг юраги хурсандчиликдан гупиллаб урарди. Худо ҳамма нарсага қодир. Иосиф сўнгги йиллардаги Хушхабарларни даъват этишда кўплаб Россия кампанияларини эслади. Бу кампаниялар мобайнида “Очиқ эшиклар” халқаро ташкилоти 20 000дан ортиқ Муқаддас Китобни имонни янги қабул қилганларга ва Худонинг даъватига юракдан жавоб берганларга етказиб берди. Ҳозирда, мусиқачилар, бошқа кўплаб воизлар ва ёрдамчи шогирдлар уни бирга кузатиб бораётган, Хушхабарга даъват этиш ҳамон давом этаётган бир пайтда унинг орзуси рўёбга чиқмоқда. Сўнгги ой давомида Иосиф асосий Сибирь дарёларининг ҳавзасида жойлашган йигирмата шаҳарда ваъз ўқиди.. Бир ой давомида, Иосифнинг “салб юриши” жараёнидаги ибодатларида ўн мингдан ошиқ одам иштирок этди. Улар гуноҳларига тавба қилишди ва бутун ҳаётларини Раббийга бағишлашди! Янада ҳайратда қолдирадиган ҳодиса шу эдики, шу вақт мобайнида ўн олтита масиҳий жамоат ташкил топди. Иосиф билан саёҳатга чиққан ёш хизматчилар шу жамоатларда ишлаш учун ва ташкил топган жамоатларни мустаҳкамлаш учун шу ерларда қолиб кетдилар. Бир неча йил олдин бир миссионер коллективи Латвиянинг Рига шаҳридаги Иосиф ташкил этган жамоатга ташриф буюришди. Улар туйникдан жамоатнинг энг асосий хонасига — “руҳий жанглар хонаси”га кириб келишди. Деворларда маҳаллий жамоатнинг расмли тарихи акс этиб турарди, миссионерлар саёҳатларининг харитаси деворга ёпиштирилган эди. Иосиф рангли чизиқлар билан ёш миссионерларнинг ёздаги саёҳатлари пайтида Сибирда босиб ўтган йўлларини белгилар экан, у тўлқинланиб кетди: улар тобора шарққа қараб узоқлашиб кетардилар. Аммо янада ҳаяжонли дақиқалар — пунктир чизиғи билан кейинги ёздаги Хушхабарга даъват этиш маршрутини белгилаш эди. Ахир, энди улар Тинч океани соҳилларигача етиб борадилар! Раббий сингари, Иосиф ўз ҳаётида кўплаб йўқотишларни ва азоб-уқубатларни бошидан ўтказди. Лекин Раббий каби, осмондаги фаришталар тавба қилаётган гуноҳкорни кўрганларидан қанчалик хурсанд эканликларини билишдан ўзга ҳеч нарса Иосифга ҳузур-ҳаловат олиб келмасди». Қўшимча мулоҳазалар Қул ёки крепостной ҳолатининг устунлигини бир-икки қилиб санашингиз биланоқ тугайди. Бироқ устунлик бор эди, улардан биттаси — бу ҳимояга ишониш. Агар хўжайин ёки феодал ўзининг ишчи кучига ўз шахсий мулкига қарагандай муносабатда бўлса, албатта ўз мулкини авайлайди ва ҳимоя қилади. Зеро қуллар ва крепостнойлар унинг шахсий мулкидир. Ёзувнинг кўплаб оятларида Худо бизни ҳимоя қилиши ҳақида айтилган. “Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин-ажиналар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас” (Римликларга 8:38,39). Бошқа томондан, бир ҳукмдор иккинчисига ҳужум қилганда, мағлубиятга учраган ҳукмдорнинг қуллари ўз хўжайинининг қисматига шерик бўлардилар. Хўжайин ёки феодал мағлубиятга учраганда, унинг қулларини асло аямас эдилар. Биз билан ҳам худди шундай бўлади. Раббимизни нима қилган бўлсалар, бизни ҳам шундай қиладилар. Лекин келинглар, “севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган” (Матто 5:12). Зеро биз Худонинг Ўғлини маҳкам ва абадий тутганимизча, У билан бирга замондан ташқаридаги меросга эгамиз! Ақл учун озуқа Шундай қилиб, ушбу китобни сўнгги кунигача ўқиб чиқиб, қандай хулосага келишимиз мумкин? Биз қувғинларга дуч келдик. Биз таъқибларга тик боқдик. Аммо улар, биз ўйлаганимизчалик даҳшатли эмаслиги аён бўлди. Қувғинлар — нормал масиҳий ҳаётининг ажралмас бир қисми эканлигини биз тушуниб етдик. Қолаверса, агар биз ҳақиқатдан ҳам Масиҳда бўлсак, қувғин ва таъқибларга учрашимиз муқаррардир деб, ҳисоблашимиз керак. Қувғинларни хурсандчилик билан кутиб олиш мумкинлигини ва улардан қўрқмаслик кераклигини биз билиб олдик. Шубҳасиз, қувғинлар азоб етказади, аммо бу оғриқни Исо Масиҳ билан бирга бўлишдаги ажойиб ҳузур-ҳаловат билан солиштирилганда, бу ҳеч гап эмас. Энди келинг, қувғинга учраган Жамоатни қўллаб-қувватлаш учун бизга раҳм-шафқат ато этишини Муқаддас Руҳдан ибодат қилиб сўрайлик. Қувғинга учраган биродар ва сингилларимизнинг ёнини олишимиз учун Муқаддас Руҳ бизга ҳимоя қилиш руҳини ва Раббийнинг кучини ҳадя қилсин, токи биз Унинг севгисини ва ҳузур-ҳаловатини то У келгунига қадар, ҳеч қўрқмасдан овоза қилайлик. “Омин! Кел, ё Раббимиз Исо!”