Сторми Омартиан ИБОДАТГЎЙ ЭРНИНГ ҚУДРАТИ Ушбу китобни мен учун ибодат қилаётган эрим Майклга бағишлайман. Унинг ибодатлари мен учун шундай катта марҳаматки, таърифлашга тил ожиз. МИННАТДОРЧИЛИКЛАР Қуйидагиларга алоҳида миннатдорчилик билдираман: • Ўзларининг рафиқалари учун ибодат қилган ва ибодатда бўлаётган, ибодатларига олган жавобларини мамнуният билан менга етказган кўпгина садоқатли эрларга. Қавмбоши Жек Хайфордга, епископ Кеннет К. Улмер, епископ Эдди Л. Лонг, Нил Андерсон, Жеймс Робисон, Майкл Хэрритон, Майкл Голдстоун, Родни Жонсон ва Стивен Кертис Чапменларнинг ибодатларига олган жавоблари ҳақидаги гувоҳликлари, ушбу китобнинг яратилишига қўшган ҳиссалари учун уларга алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман. Мен уларни эр, ота ва Худонинг одамлари сифатида жуда юксак қадрлайман, чунки улар ҳақиқатдан шунга сазовордирлар; • Мен билан кўнгилдаги орзуларини — эрларимиз биз учун ибодат қилсин, деган истак билан ибодат қилаётган юзлаб аёлларга миннатдорчилик билдираман; • Ҳам котибам, ҳам ишларимнинг доимий бошқарувчиси бўлган синглим ҳамда дугонам Сьюзан Мартинесга миннатдорчилик билдираман. Унинг ёрдамисиз бирон қўлланмамни ўз вақтида топшира олмаган бўлардим; Эрим Майклга миннатдорчилик билдираман. Бу китобни ёзаётганимда у лаззатли таомлар тайёрлаб, ибодат орқали қўллаб-қувватлаб, Худонинг овозини эшита олишимга сабабчи бўлди; • Мен ушбу китоб устида ишлаётганимда, уйда ҳам ошпаз, ҳам хизматкор, ҳам фаррош ишларини бажарган қизим Амандага миннатдорчилик билдираман; • Мен билан бирга ибодатда бўлган дўстларим Сьюзан Мартинес, Роза Томпсон, Кети Стюарт, Донне Саммер, Брюс Судано, Майкл Хэритон ва унинг рафиқаси Террига, Том Бруссо ва унинг рафиқаси Петтига миннатдорчилик билдираман. Агар улар мени ибодатлари орқали қўллаб-қувватламаганларида, бу китобни ёзиш у ёқда турсин, ўша пайтларда сабр-бардошим ҳам тугаган бўларди. • «Харвест Хаус» нашриётининг ҳамма жавмоасига, хусусан, кичик Боб Хокинс, Кэролин Маккриди, Жулия Маккини, Тереза Эвенсон ва Петти Райтга мен учун қилган ибодатлари, электрон мактублари, хатлари, қўнғироқлари орқали берган далдалари учун миннатдорчилик билдираман. Хотин топган бахт топиб, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади. (Сулаймоннинг ҳикматлари, 18:22) МАЙКЛ ОМАРТИАН СЎЗИ Биз, эркаклар, шуни тан олишимиз керакки, оила қураётганимизда, кўп йиллик тажрибамиз, феъл-атворимиз, шихсий хислатларимиз, хотираларимиз, салбий қарашларимиз ва ҳиссиётларимизни ҳам оилага олиб кирамиз. Ўзимиз сингари кўп йиллик тажрибага эга бўлган, феъл-атвори, шахсий хислатлари, хотиралари, салбий қарашлари ҳамда ориятли аёл билан бир умр ҳаётимизни боғлаймиз. Бундан кейин биз у билан мулоқотда бўламиз, муроса қиламиз, бир-биримизга ён берамиз, ўз манфаатимизни кўзлашга энди барҳам берамиз. Аммо булар осон иш эмас, буниси аниқ. Ё Худойимиз ҳазилкаш ёки биз доимо ўсиб, камолга етишишимизни У хоҳлайди. Эҳтимол, буниси ҳам, униси ҳам тўғридир. Биз оила қураётганимизда, Худо бизнинг бахтиёр бўлишимизни хоҳлайди, лекин бунинг учун умр йўлдошимизни Масиҳ бизни севгандек севишимиз даркор. Шунинг учун ҳам хотин билан эр ўртасидаги мулоқотнинг муваффақияти эрнинг Самовий Отамиз билан мулоқотига боғлиқ. Хотин учун эрларнинг қилган ибодати ғоят катта кучга эга. Худо доимо бизни, ҳар бир сўзимизни эшитади. Ҳа, Яратувчи бўлмиш Худо қулоғини биз томонга қаратади. Худо яратганларини яксон қилиш ниятида душман қўйиб чиққан миналарни фақат Унинг кучи билан зарарсизлантиришимиз мумкин. Хўш, хотинларимизда ўзгаришлар бўлса эди, деб хоҳлаймизми? Бу ҳақда ибодат қилар эканмиз: «Эй Худо, бизнинг ҳаётимизги киргин, буюк ишлар қилгин», деб сўраймиз. Агарда ибодат қилмаётган бўлсак, ундай ҳолда оилавий ҳаётимизнинг равнақи ўзимизнинг донолигимиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ бўлиб қолади. Аммо ибодат қилганимизда эса, нақадар ҳузур-ҳаловатнинг манбаига эга бўламиз! Биз энди нафақат хотинларимизда ўзгаришларни кўрамиз, балки ўзимиз ҳам ўзгарамиз. Сторми билан бир ёстиққа бош қўйганимиздан бери, қилган ибодатларимнинг унга таъсир кўрсатганига кўп гувоҳ бўлганман: у ўз ўтмиши тўғрисидаги ваҳималардан халос бўлди, хавфли дақиқаларда ҳаёти омон қолди, ёзувчи сифатида катта муваффақиятларга эришди… Сторми учун қилаётган ибодатларим қанчалик фойда бераётганини тушунганим сайин, мана шуларни яхшироқ кўряпман: Худо имонимни мустаҳкамлаш учун бу ибодатим орқали ишлаяпти, менга марҳамат қиляпти, руҳий ўсишимга ёрдам беряпти. Эр хотини учун ибодат қилганда, Худо албатта жавоб беришига ишонаман. Шунинг учун сизга, бу китобни ўқинг, деб маслаҳат бераман. Бу китобни иштиёқ билан ўқиб чиқишингизга ишончим комил. Сторми бу китобни ёзаётган пайтда, у учун доимо ибодатда бўлдим. Майкл Омартиан ИБОДАТНИНГ КУЧИ Ушбу китобни ўқиётганингиз учун сиздан миннатдорман. Ҳеч ким сизга тўппонча тираб: «Шу китобни ўқийсан!» деб сизни мажбур қилмаётганига ишончим комил. Ҳатто шунақа одам учраб қолганда ҳам, сиз бу китобни ўқиш ниятида эканингизни айтасиз, ўша одамни ҳовуридан туширасиз, деб умид қиламан. Мен тўғримда, ўзига бино қўйган экан, деб ўйламанглар. Лекин ишончим комилки, сиз бу китобни ўқийдиган одамлар тоифасига кирасиз. Тоифалар қуйида кўрсатилган. Аммо қайси тоифага киришингиз тўғрисида ўзингиз қарор қилинг: 1. Сиз бу китобни ётадиган каравотингиздан, ё кийим жавонингиздан, ёки ёстиғингиз остидан, ёки чамадонингиз ичидан, ё асбоб-ускуналарингиз турадиган қутидан, ёки машинангизнинг олд ўриндиғидан, ё иш столингиз устидан, ёки телевизор пульти ёнидан (мазкур китоб у ерда сирли равишда пайдо бўлиб қолган) топиб олдингиз. 2. Ибодатгўй аёлингиз сиз учун бу китобни сотиб олди. Сабаби шуки, сиз хотинингиз учун ибодат қиляпсиз. Энди ҳеч қачон ўзингизни айбдор деб ҳис қилмайсиз. 3. Бу китобни ўзингиз сотиб олдингиз, чунки хотинингиз учун ибодат қилишни хоҳлайсизу аммо ибодатни нимадан бошлашни билмайсиз. 4. Сиз хотинингизда, ўзингизда ва турмушингизда жиддий ўзгаришлар кўришни хоҳлайсиз. «Ушбу китоб буларнинг ҳаммасини амалга оширишга ёрдам беради», деб умид қиляпсиз. 5. Сиз ҳозир ҳам меҳрибон, доно, севикли ибодатгўй умр йўлдоши бўлиб, хотинингизга мўл-кўл марҳамат олиб келадиган, янги амалий натижалар берадиган усулларни билмоқчи бўляпсиз. 6. Ушбу китобни сизга дўстингиз тавсия қилди. Аммо сиз бу китобга бефарқ бўлиб, ишончсизлик билан қарадингиз. Аммо барибир: «Бу китобни ўқиб чиқаман, қани, кўрай-чи, натижаси қандай бўлар экан», деб қарор қилдингиз. 7. Турмушинингиз хавф остида бўлгани учун. сиз бу китобга маҳкам ёпишиб олдингиз. Назарингизда уни ўқиб бўлганингиздан кейин, оилангизни сақлаб қолиш учун озгина тўлов тўласангиз бўлгани. Қайси сабабларга кўра бу китобни ўқишга қарор қилган бўлсангиз ҳам, мен сизни табриклайман. Менинг назаримда сиз эркаклар зоти орасидаги баҳодирсиз. Сарф қилган кучингиз самарасиз қолмаслигига, сарфлаган вақтингиз беҳуда кетмаслигига, сизни олдиндан буюк мукофот кутаётганига ишонаверинг, деб айтгим келади. НИМА УЧУН КИТОБ МУАЛЛИФИ ЭРКАК ЭМАС, АЁЛ КИШИ? Сиз: «Нима учун бу китобни Майкл эмас, балки унинг хотини Сторми ёзган?» деб сўрашингиз мумкин. Жавоби оддий: чунки у ҳам сизга ўхшаб доимо банд одам. Кўп жойларга югуришига тўғри келди, кўп ишлар билан банд бўлди, кўплаб одамлар билан учрашиши лозим эди, оиласини таъминлаши керак эди. Буларнинг устига, ўзининг севимли машғулоти бор, гольф ўйинига жуда қизиқарди, ўзи яхши кўрадиган бейсболчилар гуруҳига жон куйдирарди, яна телевизор кўришга ҳам вақт топиши керак эди. Китоб ёзишга келганда эса доимий сабр-тоқат етишмаслик касали билан оғриб қоларди. Хуллас, Майкл доимо ишлар билан банд эркак. Аммо Майкл ибодат қилмайди, деб бўлмайди. У ҳам ибодат қилади, аммо ибодатга келганда, қисқагина қилиб қўя қолади (унинг севимли командаси «Чикаго Кабз» мағлуб бўлаётган вақтдан бошқа пайтда). Умуман олганда, одамлар ундан: «Нима учун Иботагўй эрнинг қудрати китобини сиз ёзмагансиз?» деб сўраганларида, унинг жавоби доимо тайёр: «Агар бу китобни мен ёзганимда, — жиддийлик билан жавоб берарди у, — китобнинг қалинлиги кичкина рисоладагидай бўларди, холос». Ҳақиқатан, қаторлар икки интервалда бўларди. Расмлари ҳам кўп бўларди. Агар китобнинг қалинлиги кичкина рисоладай бўлса, мен учун унча катта аҳамиятга эга бўлмас эди. Эр чинакамига ибодат қилаётган бўлса, қисқалиги аҳамиятга эга эмас. Эрнинг ибодатлари моҳиятан унча узун, батафсил бўлмаслиги мумкин. Аммо муҳим нарсалар ҳақида қилинган қисқа ибодатнинг ҳам улкан қудрати бор. Чунки Худо руҳий соҳада эрга ноёб қудрат ато этган. У ибодатларига жавоб олармикан? Бу унга берилган ҳокимиятдан қанчалик фойдалана олишига боғлиқ (бу ҳақда биз кейинги бобда сўз юритамиз). Ибодатгўй аёлнинг қудрати номли китобим муваффақиятга эришди. Шунинг учун менда мамлакат бўйлаб кўп саёҳат қилишимга, минглаб аёллар билан суҳбатлашишимга, уларнинг кўпчилиги билан шахсан учрашишимга имконият туғилди. Мен бир нарсага гувоҳ бўлдим: ҳамма аёллар эрлари билан муносабатлари яхшиланишини, уларнинг эр-хотинлик иттифоқи тикланишини ва бу вазият ҳамма яқинлари учун шодлик манбаи бўлишини жуда исташар экан. Бу аёллар Худога маъқул бўладиган ибодат қилганларида, Худо уларга ажойиб жавоб берганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Аёллар мактубларида ва шахсий учрашувларимизда мендан: «Ибодатгўй эрнинг қудрати китобини ёзсангиз», деб кўп илтимос қилишган. Мен эркаклардан худди шундай саволни эшитмагунимча, бу илтимосларга унча жиддий эътибор бермасдим. — Сиз қачон Ибодатгўй эрнинг қудрати китобини ёзасиз? — деб сўрарди мендан кўп эрлар. — Агар мен ўша китобни ёзсам, чиндан ҳам ўқийсизми? — дея уларга савол билан жавоб берардим. — Албатта, — ишонч билан жавоб берарди эркаклар. — Биз хотинларимиз учун ибодат қилишни хоҳлаймиз. Лекин қандай ибодат қилишни билмаймиз. Уларнинг жавоблари жиддий эди. Мен бу аҳволни кўриб, ҳайратда қолдим. Уларнинг сўзларидаги тўғрилик, самимийликдан чуқур таъсирландим. Кўпчилик эр-хотинларнинг беҳисоб илтимослари ҳақида Майкл билан маслаҳатлашганимда, у кўзларини телевизор экранидан узмаган ҳолда «Шундай китобни сен ёзишинг керак», деб ўша заҳоти рози бўлди. — Бу китобнинг муаллифи сен бўлишинг керакдек туюлмаяптими ўзингга? — дея сўрадим мен. Майкл менга қаради. Одатда, дўконларни айланиб келайлик, деб таклиф қилганимда, у шундай нигоҳ билан менга қарарди. — Йўқ! Ахир, сен ёзувчисан, мен эса мусиқачиман, — деди Майкл баҳсни давом эттиришни истамаган оҳангда. Одатда, суҳбат мавзуи уни қизиқтирмаса, айниқса, бу вақтда у ўйиннинг боришига берилиб кетган бўлса, у бир-икки оғиз сўз билан чекланиб қўя қоларди. — ҚАНИ, ҚАНИ, ОЛДИНГА! — У дивандан сакраб турдию, бирдан бақирди. Бу пайтда мен зудлик билан ишга киришиш учун ўрнимдан турдим. Аммо бу бақир-чақирлар менга эмас, «Чикаго Кабз» ўйинчиларига тегишли эканини билдим. Майкл жойига ўтирди. Шунда мен: «Балки, ҳеч бўлмаса, кириш қисмини ёзиб берарсан?» деб суҳбатни қайтадан бошлашга журъат қилдим. — Ҳа, албатта, — жавоб берди Майкл экрандан кўзини узмай. Тўсатдан: «Тўхтасанг-чи, йўқ, йўқ, кераги йўқ! Эй АҲМОҚ!« Мен унинг бу бақириғига қандай жавоб беришни билмас эдим. Шундан кейин Майк менга ўгирилиб, изоҳ берди: «Бу ҳакам ғирт аҳмоқ экан! Анови бола қулай вазиятда турган эди». Бу ўзига хос изоҳ менга тегишли эмаслигидан енгил нафас олдим ва суҳбатни давом эттиришга қарор қилдим. — Ундай ҳолда, балки, мен учун ибодат қилганингда, Худодан жавоб олганинг тўғрисида айтиб берарсан, — сўрадим мен. «Ҳозир эмас, ахир! — норози бўлиб деди Майкл. — Албатта айтиб бераман, фақат еттинчи тўп билан саккизинчи тўп орасида». — Мен келгуси бир неча ойни назарда тутган эдим, — шошилмай тушунтирдим. — Шундай! Шундай! Яхши! Яхши! — бақирди яна у. Кейин у менга қараб: «Нимадир дедингми?» деб сўради. — Ҳа, — дедим мен, — мен бу китобни ёзиб бўлгунимча, сен мен учун ибодат қилишингни хоҳлардим. — Фақат ҳозир эмас. Еттинчи тўп билан саккизинчи тўп орасида, — деган жавоб бўлди. — Мен бутун йил давомида ибодат қилишингни назарда тутган эдим. — Вой-бў. — Сўз берасанми? — Ҳа, майли, — деди у. Шундай қилиб, эримнинг ва бошқа кўпчилик оилаларнинг далдаларини ва розилигини олиб, ушбу китобнинг яратилишига мен бир овоздан масъул деб танландим. Менга кўрсатилган ишончни оқлаш учун ишга жиддий киришдим. Эрим «Ибодатгўй эрнинг қудрати» китобининг муаллифи бўлишдан бош тортган бўлса-да, бу асарни оркестрлаштиришга тайёрлигини айтди, албатта, агар бу мавзуга қачондир мусиқа ёзилса. БУ КИТОБНИ ЎҚИШ КЕРАКЛИГИГА ЯНА БИР САБАБ Худодан: «Чиндан ҳам бу китобнинг муаллифи мен бўлишим керакми?» деб сўраганимда, У менга ажойиб жавоб берди. Менимча, Худо бу китобни ёзиш вазифасини ўзимга юклаганининг сабабларидан бири қуйидагича эди: агар хотинлар учун мен таклиф этган ибодат вариантлари эркак киши томонидан ёзилганда эди, эркаклар ўз манфаатларини кўзлаган ва ўзларини ўйлаган ҳолда ёзилган бўлар эди. Мазкур китобда келтирилган ибодат намуналаридан фойдаланинглар, деб сизларга даъват қиламан. Чунки бу хотинингиз учун ҳам, унинг турмуш ўртоғи сифатида ўзингиз учун ҳам катта мархамат ва барака олиб келади. Бу китобни ёзишимни нечта эркак илтимос қилганини санашга ҳаракат қилиб, охири қуйидагича хулосага келдим: агар сайловчиларимни рўйхатдан ўтказишимга тўғри келганда эди (худди сайлов жараёнида қилганларидек), мен мулоқотда бўлган эркаклар шу тоифанинг катта миқдорини ташкил қилган бўларди. Бу дегани шуни билдирадики, менинг «сайловчиларим» бу масала хусусида сизнинг фикрларингизни изҳор қилишмоқда. Бундан келиб чиқадики, БУ КИТОБНИНГ ЯРАТИЛИШИГА АСЛИДА СИЗНИНГ ФИКРИНГИЗ сабабдир. Бунга сиз ҳам, мен ҳам қўшиламиз! БИЗНИНГ ЎТМИШИМИЗ 28 йиллик турмушимизнинг биринчи ярми бир-биримизга зиддиятли муносабат ва бир-биримизни камситиш муҳитида ўтди. Чунки биз руҳ амри билан эмас, танамиз амри бўйича яшашга ҳаракат қилдик. Ҳар биримиз бир-биримиздан ўзгаришни талаб қилардик. Натижада бизни ўзгартиришга қодир Худонинг кучига таянмасдан, ўз кучимиз билан бунга эришардик. Ҳодисаларни тўғри изга солишга бўлган -интилишларимиз янада нохуш оқибатларга олиб келарди. Майклнинг ғазаби бутун оилани бошқариш қуроли эди. Мен эса совуққонлик, ётсираш билан жавоб қайтарардим. Бундай пайтда мен дарров уч сўздан иборат севимли ибодатимни ишга солардим. Сиз уни биласиз: «Уни ўзгартир. Эгам!» Лекин Худо бу ибодатимга ҳеч қачон жавоб бермасди. У бу ибодатимга бир марта ҳам жавоб бермади. Бир куни Майкл билан менинг ўртамда қаттиқ жанжал бўлиб ўтди. Мен чидаб бўлмайдиган қаттиқ азобдан фарёд чекиб, Худодан ёрдам сўрадим. Шунда Худо менга шуни аён қилди: агар ҳаётимни Майкл учун ибодат қилгани рози бўлиб бағишласам, У ибодатларим орқали эримни ўзгартирар экан. Худо эримни қандай кўришни хоҳласа, шундай қилар экан. Лекин бунинг учун Худо менга янги юрак ато қилгандан сўнг, Майклга Худонинг кўзи билан қарашимга мени ўргатиши керак эди. Бунга рози бўлдим. Худо қандай буюрган бўлса, шундай ибодат қилишни бошладим. Шунда мен эримнинг ноўрин ғазабланиши сабабини тушуна бошладим. Майклни жуда қаттиққўл, ўз ҳукмини ўтказадиган талабчан она тарбиялаган эди. Онаси Майклнинг имкониятлари ва қобилиятидан юқори бўлган талаблар қўярди. Унинг талаблари Майклнинг интилиши ва Худонинг нияти билан тўғри келмас эди. Онаси Майклнинг аълочи бўлишини хоҳларди. Майкл эса дислексия[1] касали билан оғрирди. Унга шундай диагноз қўйилган эди. Онанинг орзуси Майклни шифокор қиёфасида кўриш эди. Майкл эса мусиқани ғоят севарди. Она ўғлининг ҳар соҳада муваффақият қозонишини истарди. Майкл эса ўқишни қийинчилик билан ўзлаштирар, онаси унинг муаммоларини тушунмасди. Бу муаммоларни Майклнинг ўзи ҳам тушунмасди. Нима бўлганда ҳам, онанинг Майклга нисбатан бундай муносабатини тушуниш мумкин: Майклнинг ота-боболари илгари Арманистонда истиқомат қилган. У ерда Майклнинг кўп қариндош-уруғлари турк истилочилари томонидан шафқатсизларча ўлдирилган эди. Турк аскарлари Майклнинг бувисини унинг фарзандларини қандай қилиб ўлдираётганларини томоша қилишга мажбур этишган. Бунинг тафсилоти шу қадар даҳшатлики, ҳозир бу ҳақда гапириб ўтирмайман. Яқинлари ўлдирилганидан сўнг Майклнинг ўз бувиси Америкага қочди ва янги оила қурди. Шу оилада Майклнинг онаси дунёга келди. Қўрқинчли хотиралар, қийинчиликлар, қашшоқлик оқибати, таълимнинг ночорлиги, бегона ва душманлик кайфиятидаги юртда кам сонли этник гуруҳга мансублик — буларнинг ҳаммасидан бувининг ва албатта, Майкл онасининг қалби тилка-пора бўларди. Бир нарсада уларнинг ишончлари қатъий эди: бу мудҳиш воқеа бошқа ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун тиришқоқлик билан таълим олиш ва кўп меҳнат қилиш керак. Муваффақиятга эришолмаган оила аъзоси ортиқча даҳмаза ҳисобланарди. Онанинг фикрича, мусиқачилик жиддий иш эмас, озгина бўлса ҳам келажаги бор, ҳақиқий иш деб ҳисобланмасди. Оғир тушкунликдаги мушкул лаҳзалар Майклнинг қўрқувларини баттар кучайтирди, холос. Майклнинг болалиги тушкунлик давридан кейинги йилларга тўғри келгани учун, онаси «омон қолиш», «эришиш» ва «муваффақият» сўзларини кўп ишлатарди. Она «ўқишга лаёқатли эмас», «бадиий жўшқинлик», «мусиқага қобилиятли» ёки «илоҳий даъват» сўзларининг маъносини тушунмас эди. Она ўғлини одамови, феъл-атвори оғир болалардан, деб биларди. Ўғли эса табиатан шундай эди. Бунинг устига уни, онамнинг талабларига мувофиқ бола эмасман, деган фикр доимо қийнарди. Буларнинг ҳаммасини Майклнинг онасидан эшитган эдим. Майкл билан тўйимиз бўлишидан аввалоқ биз онаси билан жуда ҳам яқин бўлиб қолдик. Мен уни ёқтириб қолдим. Рак касали уни ҳолдан тойдиргунча, у менинг онам бўлди. Менинг онам эса ундай эмас эди. Унинг яшаш учун олиб борган кураши дунёқарашини тамомила ўзгартириб юборди. Унинг ўзи бу ҳақда менга сўзлаб берганди. — Мен Майклга ҳаддан ортиқ қаттиққўл эдим, — деди у бир куни Майк билан турмуш қурганимиздан кейин кўп ўтмай. — Унга нисбатан қанчалар ноҳақлик қилганимни энди кўряпман. Ҳаётда чиндан ҳам нима муҳимлигини ўлим билан юзма-юз келганда тушунар экансан. Менимча, ўқувчилик пайтларида Майклга қилган муносабатим туфайли у жаҳлдор, дарров руҳий тушкунликка тушадиган бўлиб қолган. У пайтда нима тўғрию нима нотўғрилигини ким билибди, дейсиз, — таскин бердим мен. — Сиз нимани тўғри деб ҳисоблаган бўлсангиз, шуни қилгансиз. — Йўқ, мен унга жуда қаттиқ тазйиқ ўтказардим, уни кўп танқид қилардим. Мен ундан ҳаддан ортик кўп нарсани талаб қилар эдим, — деб жавоб берди у. Шундай қилиб, она менга бу воқеани батафсил сўзлаб берди. Майкл ҳам тўйимиздан олдин сўзлаб берган эди. Она ўғлида орзуларининг тимсолини кўришни истар, она уни қаттиққўллик билан тарбия қилар, аммо онанинг орзу-умидларини оқлай олишга қобилиятсизлигини англаб эзиларди. Натижада Майкл ўн тўққиз ёшида қаттиқ асабийлашадиган бўлиб қолди. У пайтда Майкл коллеждаги машғулотларга қатнарди. Дислексия билан хасталанган одам учун бу машғулот осон эмас эди. Бундан ташқари, у тунги клубда тўлиқ маош олиб мусиқачи бўлиб ишларди. Бу ишлар унга ҳаддан ташқари оғирлик қиларди. Онаси уни шифокорга кўрсатди. Онага шифокор: «Ўғлингизни руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизинг», деб маслаҳат берди. Шифохона ҳам, шифокорнинг офиси ҳам Майклнинг уйига яқин жойда эди. Докторнинг фикрича, у ерда Майкл яхшилаб дам олиб, керакли муолажа олса бўлади. Бундан бошқа -яхшироқ жой йўқ эди. — Майклни руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизганим катта хато бўлган экан, — деб айтганди Майклнинг онаси. — Унинг аҳволи унчалик оғир эмас эди. Бу муолажанинг кераги ҳам йўқ экан. Шундай бўлса-да, у иҳоталанган, берк жойга тушиб қолди. Даволанишга муҳтож бўлган ҳақиқий хаста одамларнинг қўрқинчли хулқ-атворига гувоҳ бўлди. Бу тажриба фойда бериш ўрнига Майклга қаттиқ зарар етказди. Майкл шифохонага юборилишидан бир кун аввал, жияни уни Худо билан учрашиш учун ибодатхонага таклиф қилди. Майкл имонли бўлса-да, унда диний тасаввур-тушунча йўқ эди. Руҳий беморлар билан шифохонада ўтказган вақти унинг учун ўта кучли қўрқув манбаига айланди. У касаллигидан қўрқарди, менинг аҳволим ҳақиқатан оғир экан, деб қўрқарди. Шундай қилиб, Майкл шифохонада бир неча ҳафта ётди. У ерда юраги тўла қўрқув билан чиқди. У қайтиб шифохонага тушишдан қўрқарди. Ҳатто оила қургандан кейин ўн беш йил ўтганда ҳам, руҳий зарба, иложсизлик кайфиятида ғамга ботиб, умидсиз кайфиятга тушаверди. Бундай ҳолатга тушиш сабаби — унинг қўрқувлари эди. — Шундан сўнг доктор мендан кечирим сўради, — хафахол сўзлади Майклнинг онаси. — Майклни руҳий хасталиклар шифохонасига жойлаштириш катта хато бўлганини тан олди. Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Чунки ўша вақтдан бери Майклни тушкунлик ва хавотирлик таъқиб қилади. Қайнонамнинг ҳикояси кўзимни очди: мана, Майклнинг тезда ғазабланишининг ҳақиқий манбаи қаерда экан. Ҳаммаси менга равшан бўлди: онасидан ғазабланиши, ранжишининг аламини мендан олар экан. У онасидан аччиқланар, менинг айбим эса унга қўшилганимда эди. Лекин у пайтда мен ҳали бундай муносабатни тўғри қабул қилишга тайёр эмас эдим. Чунки мен ўз ўтмишимнинг таъсири остида эдим. Мени салга ловуллаб кетадиган руҳий хаста бўлган она тарбиялаган эди. У кўпинча ўзини тажовузкор тутар, мени омборхонага қамаб қўярди. Мана шу сабабдан улғайгунимга қадар қўрқув, тушкунлик, умидсизлик ҳисси ва хавотирлик менинг доимий ҳамроҳларим эди. Мен ўзимни омадсиз деб ҳисоблардим. Чунки онам, сенинг пешонангга ёзилгани шу, деб қайта-қайта такрорлар эди. Онамнинг менга нисбатан бундай нафрати Майклнинг феъл-атворига нисбатан мени ўта таъсирчан қилиб қўйди. У ўзини менинг онам каби тутаётганга ўхшайверарди. Мен турмушимизга ҳимояланмаган ҳиссиётларни олиб кирганим туфайли, Майклнинг қўпол сўзлари менда қаттиқ оғриқ пайдо қиларди. Бунга жавоб тариқасида мен ундан узоқлашиб борар эдим. Менинг назаримда Майкл ишониб бўлмайдиган одам эди. Чунки у танқид ва ҳукм тиғи билан қачон менга янги зарба бериши мумкинлигини билмас эдим. Турмуш қурганимиздан кейин азоб-уқубатлар чидаб бўлмайдиган даражада зўрайиб кетди. Энди мен Майкл билан ажрашишни ўйлай бошладим. Худди шу вақтда Худо менга шуни аён қилди: агар мен уйдан қочиб кетиш фикридан воз кечиб, Худонинг хоҳишига бўйсуниб, Майкл учун ибодат қилсам, Худо мендан қурол сифатида фойдаланар экан. Агар мен Худо ўргатганидек, эрим учун ибодат қилишга рози бўлсам, бунинг устига, ўзим учун ҳам тубдан ўзгаришим зарур эди. Шу ҳолдагина Худо менинг ибодатларимга жавоб берар экан. Бундан кейинги йилларда ўрганганларим Ибодатгўй аёлнинг қудрати китобимнинг асоси бўлди. Худонинг хоҳишини чин қалбдан бажаришни хоҳласам ҳам, мен барибир Худодан: «Нега фақат мен ўзгаришим керак? Майкл ҳам, менга ўхшаб ўзгаришга муҳтож эмасми?» деб сўрардим. Лекин Худо менга: «Гап ким ўзгаришга муҳтожлигида эмас, балки ким ўзгаришни хоҳлашида, агар сен ўзгаришни хоҳласанг, Мен ҳозирдан бошлаб сен орқали ишлай оламан», деб айтди. Мен ўзгаришни хоҳлаётганимга унча ишонмас эдим, лекин мен Худога итоат қилишни жуда истардим. Шунинг учун «ҳа» деб жавоб бердим. Мен юрагимнинг туб-тубидан Майкл учун ибодат қилишни бошлаганимдан буён эримда ўзгаришлар содир бўлаётганини сеза бошладим. Худо қандай буюрган бўлса, шундай ибодат қилардим. У энди камроқ ғазабланадиган бўлиб қолди, ўзининг ўтмишига янгича қарай бошлади. — Биламан, агар отам ўз бурчини адо этиб, биз учун ибодат қилганда эди, оиламизда ҳаммаси ўзгача бўлиши мумкин эди, — деди бир куни Майкл менга. — У содиқ ота, садоқатли оила бошлиғи эди. Лекин у менинг ҳаётимга кам таъсир кўрсатган. Биламан, у мени яхши кўрарди. У ёвуз одам эмас эди, фақат суст эди, холос. У ҳеч қачон менинг ҳаётимда иштирок этмаган. Кўп йиллар давомида бу ҳолатга мен онамнинг кўзи билан қарай олмадим, лекин ҳозир онамга нисбатан менда янги туйғулар пайдо бўлган. Бу ачиниш ҳиссидир. Ахир, ҳамма ишни отамнинг ўзи қилишга мажбур бўлган, оиланинг энг оғир юкини ўзи кўтарган. Отам у учун Худодан ибодат қилиб сўрамаган. Оилада эса икковининг муносабатлари яхши эмас эди. Онам қирқ тўрт ёшга тўлганда, рак касалига йўлиқди, эллик ёшида оламдан ўтди. Аввалги ҳаёти охир-оқибатда уни гўрга олиб борганига ишончим комил. Майкл ўз ўтмишини янгидан тушуна бошлади. Натижада ўз оиласи учун ибодат қилиш муҳимлигини тушуниб етди. Тушуниб етгани ҳам уни мен учун ибодат қилишга ундади. Биламанки, ҳаётимдаги м уваффақиятларнинг кўпи унинг ибодатлари самарасидир. КУЧ-ҚУДРАТ Хотини учун ибодат қилаётган эрнинг кучи хотинининг устидан назорат ўрнатиш воситаси бўлиши керак эмас. Аслида бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки одамлар бошқа одамларни идора қилишларини Худо хоҳламайди. Бизни Худо идора қилишига имкон беришимизни хоҳлайди. Худо олдида ўзимизни паст олиб, У бизни бошқаришига имкон берсак, У биз орқали фаолият юритиши учун Унга имконият яратган бўламиз. Сиз хотинингиз учун марҳамат қилиб ибодат қилсангиз, Худо сиздан Ўз кучи воситаси сифатида фойдаланади. Ибодатингиз кучи Худодан келади. Хотинингиз учун ибодат қилганингизда, Худодан: «Хотинимнинг ҳаётида Ўз кучингни кўрсатгин», деб сўраётган бўласиз. Умр йўлдошингиз Худо овозини янада яхшироқ эшитишига ва Унинг даъватига жавоб беришига ибодатингиз имкон беради. Лекин шунга қарамай, Худо ҳеч қачон инсон иродасига қарши бормайди. Агар кимдир Худонинг иродаси бўйича яшашни истамаса, Худо бу тоифадаги одамларга ҳам зарар бермайди. Шунинг учун ҳам ибодатларингиз хотинингиз ҳаётида амал қилиши учун катта имкониятларга эга бўлишига қарамасдан, агар хотинингизнинг иродаси ёки сизнинг иродангиз Худонинг хоҳиш-иродасига тўғри келмаса, бу кучнинг имконияти чекланган. «Биз Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, у бизга қулоқ солади» (Юҳанно 5:14). Биз ҳамма нарса учун ибодат қилишимизни Худо хоҳлайди. Лекин биз Унинг хоҳиш-иродасига биноан ибодат қилишимизни истайди. Шунинг учун ҳам Худодан: «Бизга Ўз хоҳиш-иродангни зоҳир қилгин, Ўзингнинг ироданг бўйича ибодат қилишга бизни ўргатгин», деб ундан сўрашимиз муҳимдир. Худо ибодатларингизда нимани эшитишини хоҳлашини англаганингиз биланоқ, сиз чин қалбдан ва доимо ибодат қилишни ўрганасиз. Ўз умр йўлдошларимизга, менинг хоҳишим бўйича йўл тутасан, деб мажбур қила олмаганимиздек, Худога ҳам нима қилиш кераклигини кўрсата олмаймиз. Чунки бизнинг эмас, Худонинг хоҳиш-иродаси бажарилиши керак. Сизга хотинингизнинг ҳаётини ўзгартирадиган ноёб куч ато қилинган. Сизнинг руҳий кучингиз Худодан келар экан, бу куч Унинг истагига тўғри келиши керак. Руҳий кучингиз Худонинг севгисидан озиқланиши ва Уни улуғлаши керак. Худо томонидан берилган руҳий ҳокимият камтарликнинг заминида ётади. Бу дегани, сиз кўпроқ бошқа одамларни назорат қилишингиз керак эмас, балки Худога хизмат қилишни исташингиз керак, деганидир. Худонинг хоҳиш-иродаси шуки, сиз «душманнинг бутун куч-қудратини оёқ ости» (Лука 10:19) қилиб. Унга хизмат қилишингиз керак. Хотинингиз ҳаётида душманнинг режаларини барбод қилишингиз керак. Агар душман иттифоқдошингизга яқинлашиб келаётганини сезсангиз, дадиллик билан шундай деб эълон қилинг: — Душман никоҳимизни бузишига йўл қўймайман. — Душман хотиним билан менинг ўртамда ғов қуришига йўл қўймайман. — Душман хотинимни алдаётганини томоша қилиб тура олмайман. — Душман хотинимга ҳамла қилишига йўл қўймайман. — Муносабатларимизда бир-биримизни тушунмаслик давом этишига йўл қўймайман. — Ўтмишда қилган хатоларимиз, ҳатто кеча қилган хатоларимиз ҳам, келажагимизга таъсир ўтказишига йўл қўймайман. Шундан сўнг фақат ибодат қилинг, ибодат ва фақат ибодат. Чунки ибодат қилганингизда, «сизга қарши бўлган қурол муваффақиятга эга бўлмайди» (Ишаё 54:17). ОИЛАНГИЗНИ ТАҚДИР ҲУКМИГА ТОПШИРМАНГ Китоб бошида Инжилдан келтирилган оят ёдингиздами? Унда сизнинг хотинингиз борлиги учун марҳаматда эканлигингиз ёзилган (қаранг: Ҳикмат. 18:22). Сиз оила қурганингиз учун Худо сизга ва хотинингизга бир бутундек қарайди. Шу боис Худо сизга махсус баракатларни тайёрлаб қўйган (Матто 19:4–6). Бунинг маъноси шуки, сизлардан бирингизнинг ҳаётингизда содир бўладиган ҳамма нарса шу вақтнинг ўзидаёқ иккинчингизнинг ҳаётингизда ўз аксини топади. Агар хотинингиз бахтли бўлса, сиз ҳам бахтлисиз. Агар сиз марҳаматга сазовор бўлсангиз, хотинингиз ҳам марҳаматга сазовор бўлади ёки аксинча. Агар хотинингиз бахтсиз бўлса, шубҳасиз, сиз ҳам бахтсиз бўласиз. Чунки унинг муаммоси аслида сизнинг ҳам муаммонгиз. Мана, нега хотинингиз учун сизнинг ибодатингиз қанчалар муҳим. Ахир, улар ҳар иккалангизга ҳам тегишли-да. Агар сиз ҳаётингиздаги қандайдир муаммо учун ибодат қилмасангиз, сиз уни тақдир ҳукмига топширган бўласиз. Бу ҳодиса оилангизда рўй бераётган бўлса, яхши эмас. Муаммо шундан иборатки, жаноби олийлари бўлмиш тасодиф оилангизни оғир синовларга дучор қилади: эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлади, жанжал бошланади, эрда ҳам, хотинда ҳам бир-бирига нисбатан гиналар йиғила бошлайди. Тасодифнинг кучи билан турмушингизга худбинлик ва бир-бирингизга нисбатан бағритошлик кириб келади. Биз фақат оддий одам бўлганимиз учун бу ҳодисалар содир бўлади. Агар биз ҳамма муаммоларимиз ечимини тақдир ҳукмига ташлаб қўйсак, кўнгилсизликлар гирдобига тушиб қоламиз. Бу кўнгилсизликларнинг қаердан пайдо бўлгани аниқ эмас. Лекин, шунга қарамай, бу зиддиятлар тугуни ибодат ёрдамида ечилиши мумкин. Айтайлик, сиз ишда ҳаддан ташқари кўп банд бўласиз, лавозим ортидан қувиб кетасиз, хотинингизни ёки бировни кечиришни истамайсиз, уйда англашилмовчиликлар юз беради, болалар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади, қизиқишларнинг турли хиллари келиб чиқади, зерикасиз ёки нимадир тўғрисида фикрларингизда тафовутлар пайдо бўлади. Натижада буларнинг ҳаммаси сиз билан хотинингиз ўртасида бегоналик деворини пайдо қилади. Агар булар сизнинг ҳаётингизда рўй берса, сиз билан хотинингизни ажратиб турадиган тўсиқни йўқ қилишга, иттифоқчингизга шифо беришга Худо ибодатларингиз орқали қодир. «Худо ҳаммасини қутқаради, тиклайди ва тўғрилайди», деб умид қилишга ибодат куч беради. Хотинингиз учун ибодат қилганингизда, нафақат унинг қалби, балки сизнинг ҳам қалбингиз юмшайди. Сиз жонсиз оилада бошқа яшашингизга тўғри келмайди. Хўрлашлар, ажралиш ҳақидаги фикрлар эр-хотинлик ҳаётингизнинг кун тартибидан батамом олиб ташланади. Ёдингизда тутинг: сиз ва хотинингиз ўртасида нима юз беришидан қатъий назар, Худо буни тўғри йўлга солишга қодир. Худо — шифолаш ва янгилаш Худоси. У сиз томонда. У сизга куч-қудрат ато қилган. Булардан фойдаланинг. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ХОТИНИНГИЗНИ ЧИНАКАМИГА СЕВИШИНГИЗ МУМКИН Исо: «Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ» (Юҳанно 15:13), деб айтган эди. Жисман ўлмасдан туриб, хотини учун ҳаётини «бағишлаш» усуллари кўп. Улардан бири — ўз ҳаётини хотини учун ибодатга бағишлашдир. Бу унинг равнақи учун келтирган қурбонлигингиз бўлиб, жуда кўп вақт талаб қилмайди. Натижада бу қурбонликдан ўзингиз ҳам равнақ топасиз. Хотин ўз эридан жуда кўп ёқимли сўзлар эшитишни истайди, лекин биринчи ўринда қуйидаги учтаси туради. «Мен сени севаман», «Сен бугун ғоят гўзалсан», «Барча солиқлар тўланган». Бироқ мен ҳар бир аёл эшитишга орзуманд бўлган яна бир иборани биламан. Чунки бу сўзлар бошқа ҳеч қандай сўзларга ўхшамайди, аёл ўзини севикли деб ҳис қилишига имкон яратади. «Бугун мен сен учун ибодат қиламан». Агар аёл, эрим мен учун ибодат қиляпти, деб билса, у ўзини севикли, ҳимояланган ҳис қилади. Аёл, эрим учун мен қадрли эканман, деб билади. Агар Худо хотинингиз қалбига кириб боришини ёки муносабатларингизда ниманидир тўғрилашини, ёки оилангизни бойитишини, эр-хотинлик ҳаётингизни изга солишини истасангиз, хотинингиз учун ибодат қилинг. Агар хотинингиз сиз учун ҳамма нарсага тайёр бўлишини истасангиз, ундан: «Сен учун қандай ибодат қилай?» — деб сўранг (мени ноқулай аҳволга солманг, опа-сингилларим, ушбу мисраларни ўқиб турганингизни билиб турибман). Балки мен озгина муболага қилаётгандирман, лекин хотинингиз бу саволни эшитгандан сўнг, сизни қаттиқроқ севишига ишонаман. Ахир, бу сўзлар билан сиз хотинингизга ва оилангизга содиқлигингизни кўрсатяпсиз-ку! Агар сиз, хотиним учун ибодат қиляпман, деб, аслида эса қилмаётган бўлсангиз, сизнинг ўрнингизда мен бўлсам, момақалдироқ вақтида уйдан чиқишга таваккал қилмаган бўлардим. АГАР ХОТИНИНГИЗ ИМОНСИЗ БЎЛСА-ЧИ? Кўп аёллар ҳаётда моддий манфаатлардан ташқари, руҳий бойликлар ҳам борлигини биладилар. Бу гапимга ҳатто имонли бўлмаган, бирон динга мансуб бўлмаган аёллар ҳам қўшилади. Улар ҳақиқий бахт эгаси бўлиш мумкин бўлган ҳаёт борлигини, бу ҳаёт қандайдир руҳий воқеалик орқали содир бўлишини эътироф этадилар. Ибодат қилаётган одамимизнинг юрагини ибодатимиз доимо ўзгартиради. Агар хотинингиз Худога ишонмаса ҳам, барибир у учун ибодат қилаверинг. Бу китобдаги барча ибодатлардан фойдаланиб жавобини кутинг. Инжилда: «Имонсиз хотин ҳам эри орқали муқаддас бўлади» (1 Кор. 7:14), дейилган. Сизнинг ибодатларингиз хотинингиз атрофида қандайдир руҳий қобиқни яратади. Ўз-ўзидан маълумки, бу Худони таниш ўрнини босолмайди. Лекин бу дегани — ибодатингиз умр йўлдошингиз ҳаётига ижобий равишда кучли таъсир кўрсатяпти, деганидир. Хотинингиз учун ҳар сафар ибодат қилаётганингизда, шуни ёдингизда тутинг. Худодан: «Ўзингнинг Каломингдаги ҳақиқатни англашим учун юрагимни оч, хотиним билан шундай учрашувни инъом этгинки, Сен унинг бутун ҳаётини ўзгартиргин», деб сўранг. БОБЛАР ТУЗИЛИШИ Мазкур китобнинг ҳар бир боби ибодатга, юрагингизни очиб, қўллаб-қувватлашга ва сизни илҳомлантиришга бағишланган. Бу китобда мен ўз тажрибамдан ўрганган нарсаларимни ва Худо менга ўргатганларини сиз билан ўртоқлашаман. Ҳар бир бобнинг охирида қуйидаги тўрт бўлим жойлаштирилган: 1. Хотинларнинг муҳтожликлари Ушбу бўлим мен мамлакат бўйлаб саёҳат қилганимда, юзлаб америкалик аёллар билан суҳбат пайтида ўтказган сўровларимдан ташкил топган. Мен улардан: «Эрларингиздан нимани кутяпсизлар?» деб қизиқиб сўрардим. Чунончи, сизнинг фикрингизча, эрларингизнинг сизлар учун қиладиган ибодатлари қандай бўлиши керак? Мен бўлган шаҳарларда олган жавобларимнинг аксарияти бир хил бўлгани мени лол қолдирди! 2. Эрларнинг гувоҳлиги Бу бўлимда эркаклар хотинлари учун қандай қилиб ибодат қилишлари ва ибодатлари учун олган жавоблари ҳақида ҳикоялар келтирилган. Уларнинг олдиндан кўра олиш лаёқатлари мени хурсанд қилди, кулдирди, кўнглимни юмшатди, илҳомлантирди. Ишончим комилки, айнан шулар сизда ҳам содир бўлади. 3. Ибодат Бу бўлимда боблар мавзуси бўйича ибодатлар берилган. Ибодат қай шаклда берилган бўлса, уларни шундай айтишингиз мумкин ёки унга ўз истакларингизни қўшишингиз ҳам мумкин. Бу ибодатлар сизга намуна сифатида берилган, холос. 4. Муқаддас Китобдан сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Бу бўлимда Муқаддас Китобдан оятлар берилган. Бу оятлар бирор муаммони ҳал қилаётганингизда, сизга яхши кўмак беради, ибодатларингиз таъсирини кучайтиради. Сиз ҳар қандай вазиятда ҳам Худонинг Каломини баланд овозда айтишингиз мумкин. Хотинингиз учун ибодат қилаётиб, Муқаддас Китобдан оятлар келтирсангиз ҳам бўлади. ИБОДАТНИ БОШЛАШГА ШОШИЛМАНГ Ибодат қилаётганингизда, ҳамма муаммоларингизни дарров Худога гапириб беришга ҳаракат қилманг. Бир вақтнинг ўзида хотинингизнинг ҳаётига оид турли қирралар ҳақида ибодат қилишга ҳожат йўқ. Яхшиси, ҳар гал битта муҳтожликни танлаб олинг ва Худодан, мана шу муҳтожликни қондиргин, деб ибодат қилинг. Ҳар куни бир бобни ўқишингиз мумкин ёки ҳафта мобайнида бутун эътиборни битта ибодатга қаратсангиз ҳам бўлади. Мен, хотинингизнинг эҳтиёжи учун узоқ вақт ибодат қилишингиз керак, демоқчи эмасман. Лекин Мукаддас Китобда шундай айтилган: «…қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади» (2 Кор. 9:6). Қанчалик кўп ибодат қилсангиз, ҳосилингиз шунча мўл бўлади. Агар, хотинимнинг ҳаётида, ўзимда ва оиламда Худо ўзгариш қилишини тезроқ кўрай, деб истасангиз, маълум бир бобда тўхтаб, топширилган мавзу бўйича бир неча ҳафта давомида ҳар куни ибодат қилинг. Кузатинг-чи, хотинингизнинг қалбида нимадир содир бўляптимикан? Баъзида мендан: «Бирортаси тузиб берган ибодат матни бўйича ибодат қилса бўладими?» деб сўрайдилар. Ибодат чинакам бўлиши учун бошқаларнинг сўзларини қайтарсак бўладими?» деб ҳам сўрашади. Бу саволларга мен одатда: «Кимдир ёзган ҳамду сано қўшиқларини айтсак бўладими?» деб жавоб бераман. Ишончим комилки, бўлади. Ўзингизнинг ҳамду сано қўшиқларингизни яратсангиз нур устига аъло нур, Худога ҳам маъқул. Бироқ ўзингизнинг ибодатингиз ва ҳамду сано қўшиқларингиз ўз қалбингизнинг акс садоси бўлади. Кимдир тузган, аммо сиз томонингиздан маълум сўзлар қўшилган ибодатни айтишни истайсизми? Худо бу ибодатга жавоб беришига ишонасизми? Агар бу саволларнинг бирига ижобий жавоб берсангиз, у ҳолда ибодатингизнинг кучи бор. Уни ким ёзгани муҳим эмас. Одатда, умр йўлдошимиз учун ибодат қилганимизда, биз муҳтожликларимиз тезда қондирилиши учун ибодат қиламиз, бу тўғри. Лекин шу билан бирга, «қўллаб-қувватловчи ибодат»ни унутиб қўямиз. Пайдо бўладиган муаммонинг олдини бундай ибодат олдини олади. Бу ибодат тури ғазаб учқунларини гувиллаган олов тилларига айланмасдан олдин ўчиради. Бу китобдаги ибодатнинг кўпчилиги шунга мўлжалланган. Агар хотинингиз учун Худодан марҳамат сўраб, бу китобда таклиф этилган барча ибодатлар тўпламидан йил давомида бир неча марта фойдалансангиз, сизларнинг эр-хотинлик фаолиятингиз янгиланади, шифо топади, хотинингиз ҳам сизнинг бахтингизга бахтиёр бўлади. Мен таклиф этган ибодатлардан фойдаланяпсизми ёки ўзингизнинг ибодатларингизданми — буниси унчалик муҳим эмас. Асосийси — ибодат қилишни тўхтатманг, умидсизликка тушманг. Баъзида ибодатга жавоб тез бўлади, лекин ҳар доим ҳам шундай эмас. Исо: «Доимо, безмасдан ибодат қилиш керак…» деган (Лука 18:1). Шунинг учун ибодат қилишда давом этинг, сиз Худодан жавоб оласиз. Жавоб қандай бўлиши ҳақида ўйламанг, чунки бу сизнинг ташвишингиз эмас. Сизнинг вазифангиз — ибодат қилиш; ибодатга жавоб бериш — Худонинг иши. Унга ишонинг, У Ўз ишини бажаради. 1-БОБ. СИЗ УЙЛАНДИНГИЗ Бир куни мен футбол матчини кўраётган эдим, майдон эгалари мағлуб бўлаётган эди. Ўйин тугашига ўн беш секунд қолган эди, холос. Ўйинчилар ғолибликни қўлга киритиш учун ўйин усулини ўзгартиришлари зарур эди. Лекин ҳамма нарса уларга қарши. Вақт шунчалик оз эдики, ниманидир ўзгартиришга ҳеч қандай умид йўқ. Ўйин деярли тугаган, рақибларнинг тарафдорлари ғалабани нишонлаётган эдилар. Томошабинлар стадионни тарк эта бошладилар. Ьироқ мағлуб бўлаётган гуруҳ ва унинг тренери таслим бўлишмади, руҳларини туширмади. Бунинг ўрнига, юксак маҳорат кўрсатиб, бир неча сонияда бир неча тўпни етказиб бердиларки, бунга ҳайратланмасдан бўлмасди. Шу тариқа матчни тамомила ўзгартириб, охирги бир неча секундда ғалабани қўлга киритдилар. Бу шунчалик ақлга сиғмайдиган ҳодиса эдики, матбуот ходимлари юз берган бу воқеани мўъжиза деб атадилар. Сизнинг никоҳингиз ҳам ушбу футбол матчига ўхшайди. Сиз хотинингиз билан бир гуруҳсиз. Ҳамма нарса барбод бўлаётганда, душман тантана қилаётганда, гўё ҳаммаси тамом бўлди, деган фикр хаёлингизга келганда, сизнинг ишончингиз вазиятни ўзгартира олишига хотинингиз ишониши зарур. Хотинингиз шунга ишонсинки, сизда ҳисобни таг-тугидан ўзгартиришга қодир усуллар бор, сиз рақибнинг қўлидан ғалабани тортиб олишга қодирсиз. Хотинингиз: «Эрим Худодан умид қилади, Худо учун имконсиз нарса йўқ, деб ишонади, эрим муаммонинг мўъжизавий тарзда ҳал бўлишига умид қилади», деб истайди. Сиз ибодат қилаётганингизни хотинингиз билса, ҳамма муаммолар бартараф бўлишига ишончи комил бўлади. Мен томондан сўров ўтказилган аёллларнинг 85 фоизи айтишича, уларнинг ҳаётдаги энг катта хоҳишлари шундай иборат эканки, ибодатгўй эрлари ҳақиқий эркак бўлсин, улар оилада бош бўлсин, яъни Худо уларни қандай маъқул кўрса, шундай бўлсин — мана аёлларнинг буюк хоҳиши! Эрларнинг ибодати мана шу энг муҳим жойдан бошланиши керак. «ИБОДАТЛАРИНГИЗГА ХАЛАЛ БЕРМАНГЛАР» Ибодатда энг ажойиб ҳодиса ёки ибодат билан боғлиқ ҳолда содир бўладиган қийинчиликлар унга нисбатан муносабатимизга боғлиқ — биз ибодат қилиш учун юрагимизни Худога очишимиз кераклигида. Бундан биз ҳеч қачон қочиб қутулолмаймиз. Бу дегани — ҳар бир гуноҳли фикр, нотўғри кўрсатмалар, бағритошлик, худбинларча интилишлар Худо олдида эътироф этилиши керак, деганидир. Биз Худога қайноқ, самимий ибодат қилганимизда, юрагимизнинг туб-тубига яширинган иллатларимиз очилади. Бу доимо ёқимсиз, баъзида эса камситишдек туюлади. Агар мен шунча пайт давомида ниманидир ўрганган бўлсам ҳам, биринчи навбатда худбин, мағрур бўлсак, агар ғазаб, жаҳл биздан ғолиб келаётган бўлса, агар биз умр йўлдошимиздан ўзимизни олиб қочаётган бўлсак, ибодатимиз жавобсиз қолаверади. «Дилимда терслик бўлсайди гар, Раббим мени тингламас эди» (Забур 65:18). Ибодат қилаётганимизда, юрагимиз тоза бўлиши керак. Ҳаммамиз — эркаклар ҳам, аёллар ҳам — чин юракдан ибодат қилмасак, ибодатларимизнинг таъсирчанлигини ўзимиз заифлаштирган бўламиз. Ибодатимизга жавоб оламизми, йўқми — бу ибодатимиз нимадан иборат эканига боғлиқ эмас, балки юрагимизда нималар борлигига боғлиқдир. Шунинг учун Худога ибодат қилаётганимизда, биринчи навбатда: «Эй Худо, мен комил эмаслигимни эътироф этаман, мени ҳар қандай ноҳақликдан покла», деб сўрашимиз ва У биздан шуни кутишини эсда сақлашимиз керак. Худонинг қўйган шарти шуки, У билан орамизда ҳеч қандай тўсиқ қолмаслигини у биздан талаб қилади. Муқаддас Китобда шундай айтилган: «…сиз, эрлар ҳам, хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлгани учун, уларни ҳурматга сазовор ҳисобланг, ибодатларингизга халал берманглар» (1 Бутрус 3:7). Эрнинг хотинига оқилона муносабатда бўлиши — хотин ҳимояга ва севгига муҳтож деганидир. Хотинингиз Худонинг иноятидан баҳраманд экан, сиз уни фикрларингизда, сўзларингизда ва ҳаракатларингизда ҳурматга сазовор ҳисоблашингиз керак. Агар сиз буни қилмаётган бўлсангиз, у ҳолда ибодатларингизга ўзингиз ҳалал берган бўласиз. Бу фақат хотинингиз учун ибодатда эмас, балки ҳамма ибодатда ҳам зарур. Кўп эркаклар ибодатларига жавоб олмаганлар, чунки улар ҳалигача шу ҳақиқатни англаб етмаганлар. Хотинингизга ҳурматингизни намоён қилишнинг энг яхши усули — Худо олдида чин қалбдан, тоза қалб билан ибодат қилишдир. Худодан, юрагимда нима бўлса, шуни кўрсат, деб сўранг. Балки ажойиб оилангиз бордир, бахтиёр бўлсангиз керак, лекин барибир хотинингизга Худо истаганидек муносабатда бўлмаётгандирсиз. Худо ўзингизга кўрсатган барча гуноҳларни эътироф этинг. Худо олдида ҳамма номаъқул фикр-истакларингизни эътироф этганингизда, булар билан курашиш учун Ундан ёрдам ва куч оламиз. Ана шундай ибодатгўй эр учун энг катта машаққат — хотини учун вақт сарфлаётганида эмас, балки Худога юрагини очишда эканлигини билиб оласиз. Шу боис хотин учун ибодат қилишдан олдин, эри учун ибодат қилиш лозим. Хавотирланманг, Худо ибодатгўй аёлларга ҳам шу мажбуриятни юклаган. Кўп аёллар китобнинг нақ шу жойига келиб тўхтаганларида, менга: «Йўқ! Мен бундай қилмоқчи эмасман!» дея китобни четга улоқтириб ташлаганларини айтиб берганлар. Албатта, тез орада Муқаддас Руҳ уларни ҳушларига келтиради, улар яна китобни қўлларига олиб, ўқишни давом эттирадилар. Агар сиз: «Йўқ! Бу менга тааллуқли эмас», деган сўзлар билан китобни хонанинг нариги четига улоқтириб юбормоқчи бўлсангиз, ҳозироқ шундай қилинг. Менга маълумки, сиз китобни қўлингизга оласиз. Чунки жавобсиз қолаётган ибодатлардан дарров толиқасиз. ИККИСИ БИР БУТУНДЕК Худо Одам Атони яратганда, бир нарсани билган: эркак киши улуғворлигига қарамасдан, ўзига мос ҳамфикр ва мададкорга эҳтиёж сезган (қаранг: Ибтидо 2:18). Шунинг учун Парвардигор Момо Ҳавони яратган. Қадрли биродарим! Фазилатларингиз борлигига қарамасдан, Худо фазилатларингиз давом этиши, бахтингизга кафолат бўлишига тайинланган хотинни яратган. Сиз ҳам хотинингизга шундай муносабатда бўлишингиз керак. Худо айтяптики, сиз умр йўлдошингиз билан турмуш қурганингизда, икковингиз «бир тан» бўласизлар (қаранг: Ибтидо 2:24). Биз турмуш ўртоқларимиз билан бир тан бўлиш учун тайинланганмиз. Нақадар ажойиб-а! Муносабатлар энди бошланганда, биз бу аҳволнинг юз бериш эҳтимоли борлигини биламиз. Оддий дўст бўлганимиздан кўра, яқинроқ бўлишимиз олдиндан белгиланганини фаҳмлаганимизда, бир бутун бўлишимиз тақдиримизда бор экан, деб кўнглимиз сеза бошлайди. Муносабатларимиз ривожланиб борар экан, биз бирликни ҳис этамиз. Унаштирилганимизни эълон қилганимизда, иккаламиз бир бутун бўламиз, деб сўз берамиз. Никоҳ ваъдаларимизда бирлигимизни маълум қиламиз. Асал ойида бирликка эришганимиздан завқланамиз. Хонадонимизни шинамгина оилага айлантираётганимизда, ҳаяжон ҳаётимизга ҳамроҳ бўлади. Бундан сўнг эса бирлигимизни бегоналашиш занги чидан кемиради. Нима учун шундай бўляпти? Бунинг қуйидагича учта сабаби бор: дунё, башарий табиатимиз ва шайтон. Оилангизда болаларни тарбиялаш, амал эгаллашга берилиш ва кундалик ташвишлар билан боғлиқ муаммолар орқали дунё ўз таъсирини ўтказади. Биз турмуш ўртоғимиздан кўра шу муаммоларга кўпроқ эътибор қарата бошлаймиз. Қачон биз ўзлигимизни қурбон қилиш ўрнига шахсиятимизга бутун диққат-эътиборимизни қаратсак, башарий табиатимиз биздан устун кела бошлайди. Бундан ташқари, шайтон ҳам бор. Оила Худо томонидан ўйлаб чиқилган, дунё яратилгандан бери мавжуд. Ўша пайтдан бери шайтон оилани бузишга ҳамон ҳаракат қилиб келади. Сиз ҳам, хотинингиз ҳам Худо суратида яратилгансиз (қаранг: Ибтидо 1:27) Шайтон сизни ўз сурати бўйича ясашни истайди. Сиз ҳаётда бахтли бўлишингизни у истамайди, ҳаётингизни барбод қилиш мақсадида режа тузади. Лекин, қадрли биродарим, душман ҳужумини ибодатларингиз билан тўхтатиш учун сизга куч-қудрат ато қилинган. Хотинингиз учун қилган ибодатларингиз бу дунёнинг эҳтиросларини ўз жиловида ушлаб туради. Ибодат худбин юракни ўзгартиради, шайтоннинг режаларини бузади. Худо душманларингиз учун ибодат қилишни буюрган экан, демак, У сизни, душманингни сев, деб даъват этган, бутун ҳаётингизни тақдирингизда бўлган одам билан бирга боғлаб, у учун ибодат қилишингизни қанчалар истайди! Лекин энг аввало, сиз ўзингиз учун ибодат қилишингиз керак. ХУДО СИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРИШНИ ИСТАСА, ШУНДАЙ ЭР БЎЛИШ ТЎҒРИСИДА БЕШТА АМР Худо Ўз Каломида: «Ўзаро ҳамфикр, ҳамдард бўлинглар, бир-бирингизни биродарларча севинглар, бир-бирингизга меҳр-шафқатли ва камтар бўлинглар» (1 Бут. 3:8), деган эди. Ушбу бешта амрни ижро этганингизда, ҳаётингиз ўзгариши ва Худо сизни қандай кўришни истаса, шундай эрга айлантириши мумкин. Шубҳасиз, шундай эр бўлиш учун ибодат қилсангиз арзийди. 1. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар Эр-хотин ўртасида зиддият бўлгани даҳшатли ҳодиса. Бундай кўнгилсиз ҳодиса бизни ерга уради, ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларига ўз таъсирини ўтказади. Эҳтимол, бу вазият ер юзила мавжуд бўлиши мумкин бўлган, дўзахга олиб борадиган йўлдир. Агар бу узоқ вақт чўзиладиган бўлса, ҳамма нарса барбод бўлиши мумкин. Исо шундай деган эди: «Ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир дошоҳлик хароб бўлади, ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шаҳар ёки уй абгор бўлади» (Матто 12:25). Нақадар қўрқинчли каромат! Аммо ибодат — эр-хотинлик муносабатингизни асраш калитидир. Эр ва хотин бир-биридан алоҳида-алоҳида бўлиб, қимматга тушмасдан яшашлари мумкин эмас. Бу ҳар икковини ҳам камбағаллаштиради. «Раббимиз назарида хотин эркакдан мустақил эмас ва эркак ҳам хотинидан мустақил эмас» (1 Кор. 11:11). Эр ва хотин ҳар хил бўлдими — улар умумий йўлларидан адашади, ҳар бири ўзининг сўқмоғидан кетади. Ҳаттоки мустаҳкам иттифоқ тузганларида ҳам, эр ва хотин идеал ҳамкор бўла олмайди. Сиз билан хотинингиз турли касб эгасисиз. қизиқишларингиз, ишқибозликларингиз ҳар хил. Агар доим бир-бирингиз учун ибодат қилсангиз, иккалангиз муносабатларингизда уйғунликни сақлаб қоласиз. Ибодат билан эришиладиган жон ва руҳнинг бирлашувисиз ёнингизда умр йўлдошингизнинг йўқлигига кўникиб қоласиз. Агар бирингизнинг қалбингизга бегоналик сояси ўрмалаб кирса, фикрингиз, жисмингиз ва ҳиссиётларингиз билан турмуш ўртоғингиздан узоқлаша борасиз. Бундай пайтда ҳатто нима бўлаётганини ҳам англамай қоласиз. Эр ва хотиннинг бир имонда, бир хил эътиқодда бўлиши жуда муҳим. Ибодатни айнан шундан бошлаш керак. Агар бу борада бир бўлмасангиз, сизларнинг эр-хотинлик муносабатларингиз узилади. Масалан, ҳар иккалангиз турли жамоатхоналарга қатнасангиз ёки бирингизга ёқмайдиган жамоатга биттангиз борсангиз ё бўлмаса, биттангиз жамоатхонага борсангизу иккинчингиз бормасангиз, бу ҳолатларнинг ҳаммаси иттифоқнинг барбод бўлишига олиб келади. Агар хотинингиз билан узоқлашишга сабаб бўлаётган бошқа воситалар сизга маълум бўлса, эр-хотинлик ҳаётингизда булар бартараф этилиши учун ибодат қилинг. «Бизнинг иттифоқимиз тикланиши учун хотинимнинг қалбини ўзгартир», деб Худодан сўранг. Агар хотинингизнинг кайфияти ва нуқтаи назари тўғриланиши зарур бўлса, бу юз бериши учун ибодат қилинг. Агар сизлар якдил фикрда бўлсангизлар, сизнинг никоҳингиз яхшилик ва эзгуликнинг енгилмас таянчи бўлади. 2. Ҳамдард бўлинглар Хотинингиз қийналяпти, сиз эса нима қилишни билмай саросимага тушиб қолгансиз. Шундай ҳолат сизда бўлганми? Бундай ҳолат баъзи эркакларнинг ғашини келтиради, бошқалари эса гангиб қолиб, ўзларини четга олишга интилади. Агар турмушингизда шундай ҳолат рўй бераётган бўлса, Худо сизга ҳамдард қалб ато қилишини Ундан сўранг. Хотинингизга ҳамдард бўлиш — унинг қалбини оғритаётган ҳамма сабабларга алоҳида эътибор қаратиш, унинг оғриғини енгиллаштириш мақсадида бутун қалбингиз билан унга ҳамдард бўлиш деганидир. Ҳамдард бўлиш — тинглашни билиш демакдир. Хотинингизга: «Менинг муҳимроқ ишларим бор, гапир, фақат тезроқ», демоқчи бўлган нигоҳ билан унга қараш ўрнига, уни диққат билан охиригача тинглашга ҳаракат қилинг. Хотинингиз сиздан: «Менинг муаммоларимни ҳал қилиб, ҳамма нарсани тартибга солиб беринг», деб умид қилмайди, балки сиз унинг қалбидаги оғриқларга ва ҳиссиётларга бефарқ эмаслигингизни билишни истайди, холос. Авваллари эримнинг сабри уч секундга етарди, холос (мен атайлаб вақтни белгилаб қўярдим). Шу уч секунд давомида у мени эшитадиган ҳолатда бўларди, кейин эса ўзини четга оларди. Агар мен айтмоқчи бўлган ҳамма гапларни сўзлаб беришимни хоҳласам, унга чопиб етиб олишимга ёки фикримни кейинги сафар тугаллашимга тўғри келарди. Мен бирон гапни айтаётганимда, уни ўтирғизишга муваффақ бўлиб, ўзимга унинг эътиборини қаратишга мажбур қила олган тақдирда ҳам, у мени тинглаяптими ёки йўқми — билишим учун қандайдир аломат кўрсатишини сўрардим. Одатда мен Майклдан: «Гапларимни эшитаётганингни билишим учун, ҳеч бўлмаса, қандайдир ишора қил», деб сўрардим. Ҳозир эса у мени тинглашни билади, мени хавотирга солаётган ҳар бир ҳодисада иштирок этади. Бундай эътибор ва ҳамдардлик дақиқалари оиламизга ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ибодатингизда Худодан: «Хотинимга ҳамдард бўлишни ўргат, қачон у менинг ҳамдардлигимга муҳтож бўлса, сабр билан уни эшитай», деб сўранг. Бу ривожлантиришга лойиқ бўлган, сиз ҳатто орзу ҳам қилмаган имкониятларни ўзингизга очиб берадиган ажойиб инъомдир. 3. Бир-бирингизни биродарларча севинг Ўзимиздаги барча нуқсонларга қарамай, Исо бизни оташин муҳаббат, садоқат билан севади. Агар эр ўз хотинини Масиҳ бизни севгандек севмаса, у ўз обрўйига путур етказаётган, ўзини оила бошлиғи сифатида ергак ураётган бўлади. Оқибатда ўз хотинини ҳам ерга уради. Модомики, сиз умр йўлдошингиз билан бир бутунликни ташкил этар экансиз, сиз ўз танангизга қандай муносабатда бўлсангиз, хотинингизга ҳам шундай муносабатда бўлишга бурчлисиз. Ахир, сиз ўзингизга онгли равишда зарар келтириб, танангизни нобуд қилмайсиз-ку! Сиз танангизни яхши кўрасиз, уни парваришлайсиз. «…ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин…» (Эфес. 5:33). 23 йил давомида бизга қавмбоши бўлган Жек Хайфорд, эрининг севгисини ҳис этадиган аёл йиллар ўтган сари, фақат гўзаллашади, деб доимо айтарди. У шуни назарда тутган эдики, агар аёл севилса, вақт ўтган сайин, у сўлмайди, аксинча янада равшанлашадиган ички гўзалликка эга бўлади. Сизнинг севгингиз хотинингизга қанчалик катта аҳамиятга эгалигини ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз. Унга нисбатан туйғуларингизни сир тутманг, акс ҳолда сиз уни йўқотиб қўясиз. Муқаддас Китобда: «Яхшилик қилиш қўлингдан келса, муҳтожлардан ёрдамингни аяма», дейилган. Худога: «Хотинимга нисбатан севгимни мустаҳкам қилгин», деб ибодат қилинг. Худо сизга туйғуларингизни намоён қилишини шундай ўргатсинки, хотинингиз фақат тобора очилиб борсин. 4. Меҳрибон бўлинг Хотинингизнинг хулқ-атворида сизни энг кўп хавотирга солаётган нарса нима? Балки унинг сўзлари ёки хатти-ҳаракати ғашингизга тегаётгандир? Хотинингизда ниманидир ўзгартиришни истайсизми? Агар бу ишни мустақил ҳолда ўзингиз амалга оширишга ҳаракат қилганингизда, нима юз беряпти? У сизнинг жаҳлингизга қандай жавоб қайтармоқда? «Фойдаси йўқ, мен ҳеч қачон ўзгармайман», деган сўзлар билан ҳафсалангизни пир қилганми? Ўзгаришнинг қанчалик мураккаблигини ҳаммамиз яхши биламиз. Фақат Худонинг қудратигина бизни ўзгартиришга қодир. Шунинг учун ибодат — хотинингиз феъл-атворида ўзгаришлар қиладиган энг ишончли воситадир. Балки хотинингиз доимо кеч қолар, сиз эса ҳамма нарса ўз вақтида бўлишига ўргангандирсиз? Унинг ҳаракатларида ҳеч қандай ёвуз ният йўқ. У фақатгина ўз вақтини тақсимлашни билмайди ёки имкониятидан ортиқ вазифани бажаришни ўз зиммасига олган. Худодан: «Хотинимга шуни ўргатгинки, у вақтини онгли равишда режалаштирсин, кучи етмайдиган кўп ташвишларнинг оғир юкини зиммасига олмасин», деб сўранг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жаҳлингиз чиқмасин, хотинингиз билан қўпол муомала қилманг ёки қандайдир бошқа йўл билан уни камситманг. Хотинингизга танқид таъсир этмайди, кутган натижага эришолмайсиз. Ягона таъсир этувчи восита — ибодатдир. Хотинингизнинг ожиз томонларини кўрганингизда, ачичқланмасдан, аксинча, бу нуқсонлардан у халос бўлсин, деб ибодат қилишингиз учун Худодан, қалбимни юмшат, деб сўранг. Хотинингизнинг ожиз томонлари қандай қилиб характерингизнинг кучли томонларини тўлдириши мумкинлигини кўрсатишини Худодан сўранг. Шуни ёдда тутинг: ўхшаш жиҳатлар сизларни бирлаштиради, орангиздаги фарқлар ўзаро муносабатингизга хилма-хилликни олиб киради. 5. Камтар бўлинглар Хотинингиз билан оғайнингиз ёки ҳамкасбингиз билан суҳбатлашадиган оҳангда гаплашасизми? Балки кун давомида сиз одамлар билан одобли, мулойим муносабатда бўлиб, уйда ғазабингизни хотинингизга сочаётгандирсиз? Хотинингизнинг бошқа одамлар ҳузурида танқид қилишни ўзингизга эп кўрасизми? Агар шундай бўлса, ҳар иккингизни ҳам самимият билан севувчи Масиҳдаги синглингиз сифатида мен сизларга ушбу китоб саҳифалари орқали огоҳлантираман: ДАРҲОЛ ТЎХТАТИНГ! Эр-хотинлик ҳаёти бусиз ҳам ўзи мушкул. Бир томон иккинчи томонга қўпол ёки эътиборсиз муносабатда бўлаётган бўлса, бу янада мушкулдир. Агар эр-хотин бири иккинчисига қўпол ва беҳурмат муносабатда бўлса, оила ер юзидаги ҳақиқий дўзахга айланиши мумкин. Эр-хотин бири иккинчисига нисбатан беандиша, ёқимсиз муносабатда бўлганда, бошқа ҳеч нарса шу қадар инсоннинг дилини оғритмайди, руҳини туширмайди, шу қадар азоб берадиган оғриқ етказмайди. Мен шундай оилани биламан: эр хотинига нисбатан узоқ вақт давомида қўпол муносабатда бўлиб келган, хотини ўз қобиғига ўралиб олиб, ёвуз ва бахтсиз аёлга айланиб қолган. Натижада оила бузилиб кетган. Бошқача айтганда, аёл ҳеч қачон шундай бўлишини ўзи истамаган инсонга айланиб қолган. Биз турмуш ўртоғимизга шундай муносабатда бўлишга бурчлимизки, сўзимиз, ҳатто хатти-ҳаракатларимиз билан ҳеч қачон уларнинг дилини оғритмайлик, унга азоб бермайлик. Эҳтимол, эркакнинг овозидан ўткир, кучли ва таъсирли, ажойиб овоз йўқдир. Якдил бўлиб бирлашган бир неча эркак товушидан ҳам ортиқ нима бўлиши мумкин?! Лекин айни пайтда эркак кишининг товуши даҳшатга соладиган даражада янграши мумкин, айниқса, аёллар ва болалар учун кўпчилик эркаклар ўзларининг овози ҳақиқий кучга эгалиги тўғрисида ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдилар. Эркак кишининг сўзлари ҳам яратиш, ҳам йўқотиш кучига эга. Унинг сўзлари ўткир пичоқдек яралаши, ҳатто ўлдириши мумкин, аммо шифо бахш этадиган малҳамдек ёқимли бўлиши ҳам мумкин. Мен хотинингиз билан ҳаётингиздаги қандайдир муҳим муаммоларни бирга муҳокама қилишингиз керак эмас, демоқчи эмасман. Аксинча, сизларнинг фикрларингиз ва ҳис-туйғуларингиз доимо бир-бирингизга ойдин бўлсин, демоқчиман. Аммо сўзларингиз сақланиши лозим бўлган барча нарсани яксон этувчи танқид қуролига айланишига йўл қўймаслик керак. Баъзида ўзимиз хоҳламааган ҳолатда, сабримиз етишмаслигидан ёки ўта толиққанимиздан сўзларимиз ёвузлик асбобларига айланади. Яхшиси, Худонинг салтанати сўзда эмас, балки қудратда (1 Кор. 4:20) эканини унутмайлик. Энг муҳими, сизнинг гапираётган сўзларингиз эмас, балки бу сўзларда мужассамлашган Худонинг қудрати муҳимдир. Агар нозик масала ҳақида гап очишдан аввал ибодат қилиб олсангиз, сизнинг сўзларингиз солиҳ юракдан келиб чиқади. Бу дегани сўзларингизда куч бўлади, деганидир. Хотинингиз сизга Худодан инъом сифатида берилган, унинг вазифаси — сизни тўлақонли қилишдир. Чунки Муқаддас Китобда: «…эркак киши учун эмас, балки хотин эркак учун яратилган» (1 Кор. 11:9) деб айтилган. Шу боис хотинингизга Худонинг сиз учун улкан марҳамати, инъоми сифатида муносабатда бўлишингиз зарур. Агар хотинингизни севиб, ҳурмат қилсангиз, у сиз учун бебаҳо мукофот бўлиши мумкин. «…Ундан нимаики сўрасак, У беради, чунки биз Унинг амрларини бажо келтириб, Унга мақбул бўлган ишларни қилаётирмиз», деб бизга ваъда берилган. Худодан: «Мени хотиним билан Ўзингга маъқул йўсинда мулойим ва дўстона сўзлашишни ўргат», деб сўранг. Агар умр йўлдошингизга нисбатан қўпол ва беадабларча муносабатда бўлган бўлсангиз, Худодан: «Айбларимни Ўзинг кўриб, тавба қилишимга ёрдам бер», деб сўранг. Ушбу бешта оддий амрларни бажаришни ўрганишингиз ҳақидаги ибодатингиз оилангизни ўзгартиради. Худо оилангизни янада яхши йўлга солиш истагида. У бизга «тубдан ўзгариш»ни амр этаркан, биз доимо руҳан ўсиб боришимиз керак, деган хулосага келамиз (қаранг: Рим. 12:2). Бундан шу нарса англашиладики, шахсан ўзимиз комилликка эришишимиз орқали оиламиз мукаммаллашади. Буюк инъом ҳисобланган севгидан кейин турадиган хотинингизни бахтиёр этишингиз мумкин бўлган нарса сизнинг ички барқарорлигингиздир. Худо сизни қандай яратган бўлса, шундай эркак бўлишингиз, бу сизнинг ҳам истагингиз бўлиши керак. Худо сизга жисмоний куч, ақл-идрок, ўзингизга ишонч, ўзига жалб қилиш ва азалдан ҳар бир эркак кишига хос бўлган бошқа фазилатларни ато этган. «Эй Худо, Ўзинг берган инъомлардан тўғри фойдаланишни менга ўргат», деб сўранг. Худонинг исми улуғланиши учун Унга хизмат қилинг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, ўзингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Худо сизни қандай кўришни истаса, шундай эр бўлишингиз учун; • Хотинингизни қандай қилиб ҳақиқатан ҳам севишингизни билишингиз учун; • Ҳар қандай қарорни қабул қилишда Муқаддас Руҳ томонидан бошқарилишингиз учун; • Ўзингизни қўпол тутишни тўхтатишингиз учун; • Хотинингизга ибодат қилишни хоҳлашингиз учун; • Руҳан ўсишингиз, ҳиссий ва ақлий жиҳатдан ривожланишингиз учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Овоз ёзиш фирмасининг хизматчиси, композитор Майкл Омартиан сўзлайди. У билан рафиқаси Сторми оила қурганларига 28 йил бўлди. Уларнинг учта вояга етган фарзанди бор. Яқинда мен бир аёл ҳақида қайғули воқеа эшитдим. У эрининг чидаб бўлмас хулқ-атворига ва қўпол гапларига сабр қилиб келишга мажбур бўлган. Бу воқеа оиланинг ажралиб кетиши билан тугаган экан. Оилада хотиннинг фикри ҳеч қандай қимматга эга эмас экан. Аёл ўзини камситилган, оёқ ости қилинган, ниманидир ўзгартиришга ожиз, кераксиз деб ҳис этарди. Энг даҳшатлиси шуки, бундай воқеалар масиҳий оилаларда ҳам кам эмас. Гап шундаки, кўп эркаклар алоҳида оятларнинг ғалати шарҳини ўзлаштириб олганлар, Бундай нотўғри шарҳларга сабаб — эркакларнинг бу масалада билимсизлиги, уйларида ўзларини ҳукмрон феодалдек ҳис қилишларидир. Нима учун феминстларга фаолият кўрсатишда озодлик берилгани энди тушунарли. Улар озодлик учун кураш олиб борганларида, кўп аёллар эркакларнинг ҳаракатларидан озор чекканлар. Шунга қарамасдан, бу ҳолатнинг бош сабабини тушуниш қийин эмас. Биз, эркаклар, хотинларимизни Масиҳ Ўз жамоатини севгандек севганимизда эди, вазиятни жиддий равишда ўзгартира олган бўлар эдик. Биламан, мен хотинимни шундай сева оламан. Хотинимни севишни уддасидан чиқай, деб ибодат қиламан. Ишонаманки, агар ибодат қилсак, Худо хотинларимизни ҳурмат қилишни, севишни, зарур бўлганда уларни доимо қўллаб-қувватлашни бизга ўргатади. Масиҳ Жамоат учун жонини фидо қилди. Биз хотинимизнинг манфаатини ўз манфаатимиздан юқори қўйишимиз учун Раббимиздан, руҳан ўсишимизга ёрдам бер, деб сўрашимиз лозим. Фақат шундагина оиламизда ўзгариш юз бериши мумкин. Ибодат Эй Раббим, менда пок юрак ато қилгин, ичимда янги, собит руҳ бунёд этгин (қаранг: Забур 50:12) Сенга номаъқул бўлган, айниқса, хотинимга алоқадор бўлган фикр ва кайфиятларимни менга кўрсатгин. Кечира олмаслигимни фош қил; мен доимо равшан фикрлашим учун, ғазабдан озод бўлишим учун ёрдам бер. Мен ўзимни нолойиқ тутаётган эканман, хулқ-атворимни Ўзинг ўзгартир. Менга зоҳир қилганларингни Сенинг олдингда гуноҳ деб эътироф этиб, тавба қиламан. Мени Ўз қалбингга мос келадиган эркак қилиб ўзгартир. Сен мени қандай кўришни истасанг, хонадонимнинг ва оиламнинг Сен истагандай боши бўлишимга мадад бер. Эй Раббим, мени умр йўлдошим (хотинингизнинг исми) устида ибодат чойшабини яратишга ўргат. Ибодатларимда тўсиқ бўлмаслиги учун, хотинимни ҳурмат қилиб, у билан фикран якдиллик бўлишга мени ўргат (қаранг: 1 Бут. 3:7). Бир-биримизга нисбатан севгимизни янгила. Иттифоқимизда битиб кетмаган ҳамма яраларни шифола. Менга сабр-қаноат, англаш ва ҳамдард бўлиш қобилиятини ато эт. Сен Ўз Каломингда бизга амр қилганингдек, севувчи, раҳмдил ва меҳр-шафқатли эр бўлишим учун ёрдам бер (қаранг: 1 Бут. 3:8). Хотинимни Сен уни севгандек севишим учун менга ёрдам бер. Эй Раббим, Сендан илтижо қилиб сўрайман: бизнинг иттифоқимизни тикла, токи фикрларимизда якдил бўлайлик. Менга мадад бер, тўғри ҳаракат қилай, яралайдиган эмас, балки шифо бахш этадиган сўзлар бер. Менинг қалбимни Ўз севгинг билан шундай тўлдиргинки, оғзимдан фақат бунёд этувчи сўзлар отилиб чиқсин. Сенинг йўлингдан адашсам, менга адашганимни кўрсатгин. Сен мени қандай кўришни истасанг, шундай инсон ва эр бўлишимга ёрдам бер. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар «Киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади», деб ёзилган… Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин. Эфес. 5:31, 33 Қонундан юз ўгирганнинг ибодати ҳам жирканчлидир. Ҳик. 28:9 Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар. Эфес. 5:25 Шундай қилиб, шифо топишингиз учун, бир-бирингиз олдида қилган гуноҳларингизга иқрор бўлинглар ва бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир. Ёқуб 5:16 Шундай қилиб, эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз умматини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади. Эфес. 5:28–29 2-БОБ. УНИНГ РУҲИЙ ҲАЁТИ Сизнинг хотинингиз нимаси биландир автомобилга ўхшайди. Бу ҳар қандай автомобиль бўлиши мумкин: кучли Италия спорт моделидаги автомобиль, нозик, айни пайтда қимматбаҳо немис седани, мустаҳкам, юқори сифатли юк машинаси ёки нафис автомобиль — «Pebble Beach Concours d’Elegance»[2] шоусининг иштирокчиси бўлган автомобиль. Хотинингиз яна бақувват цилиндрли автомобилни ёки тезюрар, нархи баланд V-8 русумдаги машинани ҳам ўзида мужассамлантириши мумкин. Эҳтимол, хотинингиз бошқа ҳар хил тўрт ғилдиракли транспорт воситасидек об-ҳаво шароитларига ҳам боғлиқдир. Ёки ҳатто яхши об-ҳаво шароитида ҳам тоғдан тушаётганда тормози тўхтаб қолар. Хотинингиз машинанинг қайси моделига ўхшамасин — кичик ҳажмдаги ихчам машинагами ёки йирит габаритли юк машинасигами — барибир ҳар қандай машинадек, унинг йўли бир текисда бўлишини таъминлайдиган ёқилғи запасига муҳтож. Инсоннинг (ушбу ҳолатда хотинингизнинг) ичидаги руҳ автомобилнинг ёқилғи бакидаги бензин каби таъсир кўрсатади. Машина ажойиб юриш қисмларидан гўзал интерьерли, четларида чиройли чизиқлар, мушукдек миёвлайдиган мотор, ажойиб орқа ўриндиқлар, гўзал капот, замонавий аксессуарлардан иборат бўлиши мумкин. Аммо унга бензин қуйилмаган бўлса, жойидан жилмайди. Унинг ташқи кўриниши аввалгидек ажойиб тураверади, бироқ у ички кучидан маҳрум бўлади. Машинангизнинг нафақат тўлган баки ёнилғига тўла бўлиши муҳим, балки зарядланган аккумулятори музлаб қолмаслиги учун яна етарли миқдорда «антифриз» бўлиши ҳам зарур. Ҳар куни Муқаддас руҳга тўлмасак, биз бўш идиш бўламиз, холос. Сизнинг хотинингиз ўзи ҳам билмаган ҳолда, юки бўлмаган ҳолда кетавериши мумкин. Баъзи аёллар ҳисоблагич кўрсаткичларини кузатиб бормайдилар. Оқибатда ўзларида ёқилғи умуман йўқлигини билиб ҳайратланадилар. Агар аёл Худо билан ҳар куни мулоқот қилишга, Худо Каломини ўрганишга вақт топмаса, таянчидан маҳрум бўлади. Ана шунда душман уни бемалол енгиши мумкин. Балки хотинингиз имонда собит бўлиб нажот топганига Худонинг абадий ҳаёт ҳақидаги ваъдасига, Унинг инояти ва меҳрига сазовор бўлганига шубҳа қилмас. Лекин Худо хотинингизга бебаҳо истеъдод ато қилгани ва унга қандайдир махсус нарса тайёрлаб қўйган бўлса ҳам, шайтон унинг кўнглига солиб қўйиши мумкин. Баъзида у: «Ҳаётимда содир бўлаётган воқеалар чиндан ҳам мен учун яхшиликка хизмат қилармикан?» деб ўзига ўзи савол бераётгандир. Ҳамма аёллар ҳам аҳён-аҳёнда маломатга дуч келиб, охири кучи тугайди. Кўпчилиги душман ҳужумларининг сиқуви остида ҳам жисмонан, ҳам руҳан заифлашиб, тушкунликка тушадилар. Бунинг устига, бундай вазиятнинг қурбони бўлганлар бу ҳақда билмайдиган ҳам. Бу тушкунликларнинг оқибати эса куттириб қўймайди, албатта, оилангизга таъсирини ўтказади. Ҳаммасидан ҳам ёмони шуки, хотинингизнинг Худо билан муносабатлари сизга ҳам таъсир қилади. Хонадоннинг бошлиғи сифатида сизда «душманнинг бутун куч-қудратини оёқ ости қилиш» лаёқати ато қилинган экан (қаранг: Лука 10:19; курсив меники — С. О.), шайтонга: «Хотинимга ёлғон гапириб, Худонинг ҳақиқатини бузишингга йўл қўймайман», деб айтинг. Хотинингиз доимо душманнинг ёлғонини фарқлаши учун ёлғонни рад этиб, фақат Худонинг овозига қулоқ солиши учун, хотинингиз доим руҳ амри билан яшаши учун ибодат қилинг. Кузатувларимга кўра, кўпчилик аёллар бир нарсани — «эрим мени ҳақиқат билан юришим учун ибодат қилса эди», деган ниятни орзу қиладилар. Хотинингизнинг Худо билан муносабатлари мустаҳкам, имонда собит бўлиши учун, Худо менга куч ато этсин, деб хоҳлайди. Модомики, кундалик ҳаётда аёллар кўп қисмларга бўлиниб кетар эканлар, улар сабр-қаноатга, севгига, хотиржамликка ва ҳаётларида Руҳнинг бошқа ҳосиллари бўлишига муҳтождирлар. Хотинингиз, Худонинг хоҳиш-иродасини билсам, шу хоҳиш-ирода бўйича ҳаракат қилаётганига ишончим комил бўлса, деб истайди. Худо хотинингизни нимага даъват қилаётганини очик-ойдин тушунса, шундан сўнг Унинг амрларини бажо келтирса, унинг юраги тинчликка тўлади. Масалан, агар ҳаётининг маълум даврида у уйда ўтириб, болаларини парваришлаши Худога маъқул бўлса, бу ишни бажонидил бажаришини Худодан эшитиши керак. Сизнинг ибодатларингиз унга Худони эшитишига ёрдам беради, қай ҳолатда бўлишига қарамасдан, мамнунлик ҳиссини бошидан кечиради. Агар ҳар иккингиз Худога умид боғласангиз, хотинингиз ҳақиқатда Худога бориши учун ибодат қилишингиз керак. Шунда икковингизга ҳам яхши бўлади. Шунда сизлар бир-бирингиздан умид қилмайсизлар, агар умидларингиз рўёбга чиқмаса, ҳафсалангиз пир бўлишидан холи бўласиз. Хотинингизни автомобиль билан солиштириш мавзусини давом эттириб, яна бир гапни айтиб ўтмоқчиман: агар хотинингизнинг «ёнилғи баки» бўш бўлиб, сигнал системаси ҳал ишлаётган бўлса, ташқаридан қараганда, кўриниши бирмунча яхши бўлса ҳам барибир, унинг ғилдираклари айланмайди, у тезликка эришиши тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, ҳатто жойидан қимирлай олмайди. Унинг рули ишдан чиққан, ҳаракатни бошқара олмайди. Тормозлар ишламайди, керак пайтда тўхтай олмайди. У ҳар куни Муқаддас Руҳдан »захира»ларини тўлдириб олиши керак. Унинг «ёнилғи баки» тўла бўлиб, муҳит бошқармаси ишлаб турса, у бамайлихотир узоқ масофаларни босиб ўтади. Бугунги кундаги сафарга хотинингиз ҳамма зарур нарсалар биланг таъминланганми? Унинг руҳий идишлари юқори сифатли «ёнилғи» билан тўлдирилганми? Буни Худодан сўранг, У сизга жавоб беради. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Имонда мустаҳкамланиши учун; • Руҳан ўсиши учун; • Худо Каломини ўқишга ва ибодат қилишга вақт ажратиши учун; • Фаросатли ва доно бўлиши учун; • Худодан куч-қувват олиши учун; • Бошқа одамларга нур бўлиши учун; • Худонинг хоҳиш-иродасини билиб, бажо келтириши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Ёритувчи асбоблар билан шуғулланадиган фирма директори Майкл Голдстоун сўзлайди. У хотини Дебра билан оила қурганларига 28 йил бўлди, иккита вояга етган фарзандлари, битта набиралари бор. Мен кўп йиллар мобайнида деярли ҳар куни хотиним учун ибодат қилдим. Эрталаб хайрлашишдан олдин, уни бағримга босиб, у учун ибодат қиламан. У учун муҳим бўлган ҳамма нарсага — унинг соғлиғи, бошқалар билан муносабати, хизмати ва ҳис-туйғуларига имкон қадар кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Мен уни бағримга босиб туриб, Худодан: «Бугун хотиним учун муҳим бўлган соҳаларда ишлагин», деб сўрайман. Мен хотинимнинг хавфсизлиги учун сўрайман, Худодан, хотинимни олдида бўлгин, хотиним кун бўйи Сенинг ҳузурингни ҳис этиб бурсин, деб ибодат қиламан. Бунга икки дақиқадан кўп вақт кетмайди. Лекин мен эрталабки бу вазифамни ҳар куни бажаришга ҳаракат қиламан. Худо доимо содиқдир, У ибодатларимга жавоб беради. Дебрага тасалли беради, уни қўллаб-қувватлаб, унга нисбатан менинг қизғин севгимни исботлаб туради. Шу пайтгача биз ўзимизни янги турмуш қурганлардай ҳис қиламиз, бирга бўламиз ва биз учун шунчалик қизиқ, шунчалик ажойибки! Шуни биламанки, ҳаётимизнинг шундай кечишида ибодатнинг роли катта. Ибодат Эй Раббим! Мен хотинимни қанчалик севмайин, Сен уни кўпроқ севасан. Мен унинг ҳамма эҳтиёжларини қондира олмайман, унинг ҳамма умидларини оқлай олмайман. Сендан илтимос қиламан: унга имконият бер, токи (хотинингизнинг исми) у Сени олдингидан ҳам яқинроқ таниб-билсин. У Сенинг йўлларингда шубҳаланмасдан, иккиланмасдан юриш истагида, шу йўлда собит бўлишига ёрдам бер. Унинг руҳини бардам қил, Сен унинг ибодатларига жавоб беришинг учун доимо ўсиб борувчи имо насиб эт. Хотинимга шуни ўргатгин: у Сен учун, Сенинг Каломингни ўқиши ва ибодат қилиш учун ҳар куни вақт ажратсин. Сен унинг истакларини бажаришинг учун Каломинг унинг қалбидан жой олсин (қаранг: Юҳ. 15:7). У Сени янада чуқур таниб, билишига ёрдам бер. У ўзининг Маслаҳатчиси сифатида Сенга мурожаат этсин. Унга фаҳм-фаросат ато қил, уна ҳаётда етаклаб борувчи Сенсан, Сени эшита олишига ўргат. У атрофида авжга чиққан бўронларга қарамасдан, Сенга ҳар қандай фикрини доимо жамлаб ифода қилиши учун мадад бер, токи Сен кўрсатган йўлдан у ҳеч қачон чиқиб кетмасин. Хотиним Сенинг Муқаддас Руҳингга қачон тўлиши кераклигини менга аён қилгин, токи мен у учун ибодат қилайин. У Сенинг тимсолингни яқинлари ва дўстларига намоён қилиш истагида. Шу боис барча одамлар билан мулоқот қилишда унга сабр-қаноат ато эт. Унга Муқаддас Руҳга тўлишни ўргатгин, токи одамлар у билан мулоқотда бўлганларида, Сенинг ҳузурингни ҳис этсинлар. У Сенга хизмат қилишини хоҳлашини биламан, лекин унга шуни ўргатгинки, қайси пайт «йўқ» деб зиммасига керагидан ортиғини олмаслик кераклигини билсин. У ишлари билан Сенинг номингни улуғласин. Эй Раббим, Каломингда, Сени топган — ҳаёт топади, иноятингни қабул қилади, дейилган (қаранг: Ҳикмат. 8:35). Шунинг учун Сендан шуни сўрайманки, менинг хотиним (хотинингизнинг исми) шу бугуноқ Сенда янги ҳаёт топсин, ўзига тўкилаётган марҳаматлардан шод бўлсин. У Сен кўришни истаган серғайрат, кучли аёл бўлиши учун унинг ҳамма ишларини бошқаргин. Хотиним Сенинг иродангни билсин, шунга ўргат. Сенинг манзур ва комил ироданг доимо унинг ҳаёти марказида бўлсин. Сенга бутун қалби билан ишонсин, ўз ақлига эмас, Сенга таянсин, унга шуларни ўргат. У Сени барча ишларида эътироф этсин (қаранг: Ҳикмат. 3:5–6). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлур. Матто 5:6 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар. Юҳ. 15:7 Агар бир хантал донидай ишончингиз бўлса-ю бу тоққа: «Бу ердан у ерга кўч», деб айтсангиз, у кўчади. Сизга ҳеч бир нарса имконсиз бўлмайди. Матто 17:20 Муқаддас исм билан ифтихор қилинг, Эгамизни соғинганлар кўнгли шод бўлсин. Забур 104:3 3-БОБ. УНИНГ ТУЙҒУЛАРИ Хотинингиз қалбини нафис скрипкага таққосласа бўлади. У аъло даражада созланган бўлса, ажойиб мусиқаси билан ҳаммани шодлантиради. Аммо скрипка ўта нозик асбоб бўлгани сабабли, атроф-муҳитга ҳаддан ташкари сезгир. У ушбу муҳитнинг номаъқул таъсиридан жиддий зарар кўриши мумкин. Ҳароратнинг ҳар қандай ўзгариши, намлик сизга ҳатто сезилмаслиги мумкин. Аммо скрипкага катта зарар етказиши турган гап. Асбобнинг сози салгина бузилса, унинг жарангини эшитаётганлар ўзларини ўта бахтсиз ҳис қилишлари учун кифоя. Бир ҳолатда скрипка ажойиб, ранг-баранг, қулоққа ёқимли товуш таратади, бошқа ҳолатда эса қўпол носоз, хириллаб ғашга тегадиган овоз чиқариши мумкин. Скрипка товушининг қандай бўлиши — асбоб қандай шароитда сақланганига боғлиқ. Бироқ аввало уни чалаётган мусиқачининг маҳоратига боғлиқ. Агар хотинингизнинг ҳиссиётлари душманнинг қўлида бўлса, атрофдаги барча нарсалар барбод бўлади, бунинг оқибати жуда ачинарлидир. Агар Худо мусиқачи бўлса, ҳиссиётлар ўзига хос қадр-қимматга эга бўлади. Бунинг маҳсули сифатида оилангизда тинчлик, хотиржамлик ҳукм суради. Хотинингизнинг туйғулари сизнинг ҳаётингизга қанчалик кучли таъсир этиши ўзингизга албатта маълум бўлса керак. Агар хотинингиз нимадандир хавотирда бўлса ёки нимадандир азобланаётган бўлса, ғазаб ёки дилсиёҳлик уни сиқаётган бўлса, сиз ҳам бу ҳисларнинг таъсири остида қоласиз. Эркаклар бу ҳолатга турлича жавоб қайтарадилар. Баъзилари нима бўлаётганини умуман тушунмай, ҳеч нарсани эшитмай қўя қолай, деб ўзларини четган тортадилар. Бошқалари эса қаттиқ ташвиш оқибатининг олдини олиш учун хотинларининг ташвишларига кўп аҳамият бермасликка интилишади. Яна баъзилари бу жумбоқли муаммони ҳаётларидан чиқариб ташлаш мақсадида ҳаётий фаолиятини янада фаоллаштиришга интиладилар. Эркаклар ўзларини бундай тутар эканлар, бунинг сабаби уларнинг бефарқлигида, кўпроқ уларнинг ожизлиги ва тушуна олмасликларида, деб ўйламайман. Эркаклар уддасидан чиқа олмайдиган ишлар айнан ана шулардир. Хотинингизнинг туйғулари билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда энг яхши йўл — Худога мурожаат қилишни бошлашдир. «Хотиним қандай ҳиссиётларни бошдан кечираётганини менга кўрсат, шуни билганимдан кейин ибодат қилишга мени ўргат», деб сўранг. Аёл қалбида кечаётган кўп нарсалар унинг онгидан бошланади. Душман хотинингизга азоб берадиган, ғазаблантирадиган, хавотирга соладиган, ўз кучига шубҳаланишга ёки ўзини ёлғиз ҳис қилишга мажбур этадиган ўй-фикрларга озуқа бериб туради. Шайтон: «Бу фикрлар Худодан, Худо сенинг ҳаётинг ҳақида ваҳий жўнатяпти», деб хотинингизни ишонтиришга ҳаракат қилади. Шайтон ёлғонни ёғдириб, унинг онгига чалкашлик олиб кираётган бир пайтда, Худо сизнинг ибодатларингиз орқали чалкашликларга барҳам беради. Хотинингиз муҳтож бўлган хотиржамлик ва тинчликни унга ато қилади. Ибодатларингиз шарофати билан хотинингизнинг онги ойдинлашади, туйғулари бир маромга тушади, унинг кўзлари ҳақиқатга томон очилади, нигоҳи Худога қадалади. Биз оила қургунимизча руҳан етук инсонлар бўлганимизда, эр-хотинлик ҳаётимиз янада яхшироқ бўлиши мумкин эди. Бироқ руҳий етукликка эришиш жараёни бир умрга чўзилиши мумкин. Биз эса бунчалик узоқ вақт кутишни истамаймиз. Кўпинча қалбимизнинг шифо топиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар оиланинг ўзида бор. Содиқ ва манфаатсиз севгига асосланган ўзаро муносабатлар муҳитида қалб яраларининг шифоланиши тезроқ содир бўлади. Чунки бундай ҳолатда азоб чекаётган инсон одатда қўрқинчли ўтмишининг кўзига бамайлихотир қарай олади. Бундай инсон одатда ўзининг ҳисларини яшириши, ўзини аслида ундай бўлмаган одамдек ёки менга ҳеч нарса бўлмаган, деб кўрсатиши керак эмас. Агар тўйдан сўнг хотинингизни сиз ҳатто умуман пайқамаган салбий ҳиссиётлар чулғаб олаётганини сеза бошлаган бўлсангиз, бундай оғир дамларда унинг қалби шифо топиши учун сиз унга далда бўлишга лойиқ деб топилгансиз. Шунинг учун бундай фикрларга қаноат ҳосил қилинг. Бу вазифадан қочманг, ундан ваҳимага тушманг. Сиздан, хотинингиз қалбининг шифоловчиси бўласан, ҳамма нарсани тўғрилайсан, ҳамма масалаларга сен жавоб берасан, деб талаб қилаётгани йўқ. Фақат Худогина қалб оғриғини енгиллаштириши мумкин, чунки У инсоннинг ичида иш олиб боради. Хотинингизнинг қалбида шифоланиш жараёни кетаётган вақтда, шайтонни тийиб туриш учун сизнинг ибодатларингиз зарур. Мен болалигимда учраган қалб жароҳатларига шифо олганман. Бу ҳақда мен Сторми номли китобимда айтганман. Шу боис хотинлари руҳий зарбалардан азоб чекаётганидан хавотир олаётган эрлар мендан бу ҳақда тез-тез сўраб туришади. Уларнинг бири эркакларнинг умумий фикрини изҳор этиб, шундай деган эди: «Хотиним тушкунликда бўлганда, унга қандай ёрдам беришни билмайман. Мен унга нима дейишим керак? Унинг учун мен нима қилиб бера оламан? Ахир, мен ниманидир ўзгартиришга ожизман». Бу одамга мен шундай жавоб берган эдим: «Хотинингиздаги ҳиссиётларнинг кўпи у ўтмишида бошидан кечирган руҳий зарбалар оқибатида туғилган. Сиз буни тушунишингиз қийин, чунки сиз у ўсган муҳитда ҳаёт кечирмагансиз. Лекин Худо хотинингизни шифолашни ва қалбига соғлиқ ато қилишни истайди. Шунинг учун у сизга турмушга чиққанидан сўнг айнан ҳозир шу синовларни юбормоқда. Бу шунинг учун содир бўлмоқдаки, сиз эр сифатида уни руҳий қамров ва ҳимоя билан таъминлашга, яъни у шифо топиши учун шароит яратиб беришга даъват қилингансиз. Хотинингиз учун қилишингиз мумкин бўлган энг яхши нарса — бу сўзларингизда ва хатти-ҳаракатингизда ўз аксини топадиган чинакам севги билан уни қамраб олишдир. Ҳаммасидан ҳам унга сизнинг қўллаб-қувватлашингиз кўпроқ керак. Сиз у учун ибодат қилаётганингизни, у эҳтиёж сезганда у билан бирга ибодат қилишга тайёр эканингизни айтинг. Худодан, менга хотинимнинг туйғуларини тушунишни, унинг туйғуларига ижобий жавоб қайтаришни ўргат, деб сўранг. Худодан, мени янада юмшоқ кўнгилли қил, деб сўрашингиз хотинингизнинг шифо топиши учун сўрашдан кам эмас. Бу жуда муҳим. Хотинингиз ўзини яхшироқ ҳис этаётганини сезганингизда, соғлом бўлаётгани аломатларини кўрганингизда, уни ташлаб қўйманг, уни мададингиздан маҳрум қилманг. Худо сизга ишониб топширган бебаҳо мусиқа асбоби аъло даражада созланган бўлишига хотинингиз учун ибодатингиз имконият туғдиради. Бу эса ўз навбатида, хонадонингизда ажойиб куй янграшига кафолат беради. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ: Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Руҳий мувозанатга эга бўлиши учун; • Кучли ва равшан ақл-идрокка эга бўлиши учун; • Ўзи ҳақидаги ёлғонларга ишонмаслиги учун; • Севгингиз бағрида ўзини хавфсиз ҳис этиши учун; • Худо билан мулоқотдан мамнун бўлиши учун; • Унинг ҳисларини тушунганингиздан мамнун бўлиши учун; • Юрагида хотиржамлик бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Жек Хейфорд — The Church on the Way (Йўлдаги жамоат) жамиятининг асосчиси, Қироллик коллежи ва Лос-Анжелесдаги (Калифорния штати) диний семинариянинг ректори сўзлайди. У рафиқаси Ханна билан турмуш қурганларига 47 йил бўлди, тўртта вояга етган болалари, ўн битта набиралари бор. Мендан кўпинча ибодатгўй эр сифатида «Хотинингиз Ханна учун қандай ибодат қиласиз?» деб сўрайдилар. Озгина вақт ўйлаганимдан сўнг, мен қандайдир муҳим нарсани тушундим: хотиним учун ибодатимнинг энг масъулиятли лаҳзаларида мен аввало ўзим учун ибодат қилишим керак экан. Мен қуйидагилар учун ибодат қилишим керак: • Хотиним учун ишончли таянч манба бўла олишим учун, яъни унинг ҳиссиётларини тушунувчи ва муаммонинг илдизларига унинг нуқтаи назари билан қарайдиган инсон бўлишим учун, вазиятни у кўргандек кўришим учун; • Исо «заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз бўлмаган»идек, мен ҳам етарли даражада сабр ва руҳан сахийликка эга бўлиб, унга ҳамдард бўлишим учун. Биз биргаликда кечирган умримиз давомида Муқаддас Руҳ, хотинингни Масиҳ Ўз жамоатини севгандек сев, деб ўргатди (қаранг: Эфес. 5:25). Бу дегани — унинг туйғуларига эътиборли бўлишим керак экан, деганидир. Мен Ханна билан бирга кечирган қирқ йилдан ортиқ умримиз давомида у учун ҳар куни ибодат қилдим. Мен шуни тушундимки, хотиним учун қилишим мумкин бўлган энг катта иш — Ханнани қизиқтирган, ҳаяжонга солган ҳамма нарсага: унинг мақсадларига, шодликларига, шубҳалари, ҳафсаласизлигига сабаб бўлган нарсаларга, эҳтиёжларига диққат билан ва онгли муносабатда бўлишим учун Худонинг Руҳи юрагимни юмшатишига йўл қўйиб беришим экан. Бундай ибодат бир шартни бажаришни қатъий талаб қилади — юрагим Ханнанинг олдида пок бўлиши керак. Кундалик ҳаётнинг руҳий зарбалари оқибатида келиб чиқадиган зарбаларга эркак сифатидаги принципларим унинг аёллик мантиқи билан тўқнашуви оқибатида менда авжга чиқадиган сарбсизликка қарамасдан, мен учун қиладиган ибодатларимга, уни тушуниб, унга ёрдам бериб, ҳамдард бўлишимга ҳалақит берадиган ҳис-туйғуларга берилмаслигим керак экан. Буларнинг барчаси мен учун осонликча қисқа вақтда бўлгани йўқ. Аммо Ханна менинг шартларимга доимо онгли муносабатда бўлгани сабабли, мен кўп нарсага эришишга муваффақ бўлдим. Бунда мен учун у қилган ибодатларнинг таъсирини кўряпман. Ибодат Эй Раббим! Сен хотинимга чуқур фикрлаш, ҳисқилиш қобилиятини ато этгансан, бунинг учун сендан миннатдорман. Биламанки, Сен буни хотинимнинг равнақи учун қилгансан, лекин шуни ҳам биламанки, душман Сенинг шу инъомларингдан ёвузлик учун фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Менга душманнинг кураш усулларини тушунтир, шу тушунганларимга мувофиқ равишда ибодат қилишга мени ўргат. Сен хотинимга (хотинингизнинг исми) «қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат, нафсни тийиш Руҳини» (2 Тим. 1:7) бергансан, бунинг учун Сендан миннатдорман. Уни ёлғончилар отасидан ҳимоя қил, «Худо билимига қарши бош кўтарган ҳар қандай баланд иддаони қуритиб» юбориши ва «ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсундириб асир қилиши» учун унга ёрдам бер (қаранг: 2 Кор. 10:5). Хотинимни ўзи ҳақида билган нарсаларини текширишга ўргат. Сендан илтимос қиламан: хотинимга ўзи ҳақидаги, ҳаёти ва келажаги ҳақидаги ёлғонни фарқлай билиш қобилиятини ато эт. Унинг онгида содир бўлаётган курашни кўра билиши, душманнинг кураш усулларини тушунишига ёрдам бер. У руҳий кураш олиб боришда Сенинг режангга риоя қилишига ва сенинг Каломинг бўлмиш руҳий қиличга таянишига ёрдам бер (қаранг: Эфес. 6:17). Ташвишли, ёмон, хавотирли фикрларга берилмасдан, Сенга мурожаат этсин. Менга хотинимнинг барча фикр-ҳислари ҳақида очиқ сўзлай олишни, руҳий курашнинг маъносини тушунишни ўргат, токи шундай қилгинки, душманимиз хотиним билан менинг орамизда тўғаноқ бўлишига имкон қолмасин, муносабатларимизда зиддият уруғларини экиб, тушунмовчиликни олиб кира олмасин, биз ўз муаммоларимиз тўғрисида очиқ гаплаша олайлик. Хотинимнинг хулқ-атворига тўғри жавоб қайтаришим учун менга ёрдам бер, англашилмовчилик вақтида ундан узоқлашмай, сабр-қаноатли ва ҳамдард бўлай, шуларга мени ўргат. Ибодат хотинимнинг ҳис-туйғуларга берилган пайтдаги ҳолатига бўлган охирги воситам эмас, балки биринчи жавобим бўлсин. Мен хотинимнинг барча эҳиёжларини қондира олмайман. Лекин шуни биламанки, Сен буни қила оласан. Мен хотинимдан ва унинг эҳтиёжларидан ўзимни четга олишни истамайман, лекин менга маълумки, унинг баъзи эҳтиёжларини фақат Сен қондира оласан. Қачонки маълум бир салбий ҳислар унинг бахтиёрлигига хавф туғдираётган бўлса, у биринчи навбатда Сенга мурожаат қилсин. Чунки фақат сен уни бундан халос қилиш қудратига эгасан. Сендан илтимос қиламан, Раббим, уни «Ўз соянгда яширгин» (қаранг: Забур 30:21). Эй Раббим! Сенга илтижо қиламан: хотинимнинг жонига тетиклик бахш этгин (қаранг: Забур 22:3). У Сенинг ва менинг севгим билан ором олиб, ўзини бехатар ҳис этиши учун, эзилган кўнглига шифо бер, яраларига малҳам сурт (Забур 146:3). Уни ҳар қандай қўрқувдан, шубҳа ва ҳафсаласизликдан халос эт, унга ақл-идрок, шодлик ва хотиржамлик ато эт. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир. Ҳикмат. 4:23 Қулларинг жон тўловини Худованд берар, Ундан паноҳ сўраган ҳеч ким айбдор бўлмас. Забур 33:23 Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар. Рим. 12:2 Башарий табиатнинг мурод-мақсади — ўлимдир. Илоҳий Руҳнинг мурод-мақсади — ҳаёт ва тинчликдир. Рим. 8:6 …Сабр-бардош билан жонингизни сақлаб қоласиз. Лука 21:19 4-БОБ. УНИНГ ОНАЛИГИ Эркакнинг иши ҳар доим аниқ: у иш куни қачон бошланиб, қачон тугашини аниқ билади. У нимада ва қачон муваффақиятга эришганини, нимада эришолмаганини билади. У ўз ҳисоб-китобларининг аҳволидан хабардор. Асосий вазифаси «оналик» бўлган аёл эса бу ҳақда деярли ҳеч нарса билмайди. У кечаю кундузи меҳнат қилади, унинг иш куни тартибга солинмаган, тиним билмайди, «касаллик варақаси» олмайди. У дам олишни истаса ҳам етиша олмайди. Унинг иши юксак маҳоратни талаб қилади, ўрганишни ўзининг хатолари орқали амалга оширади. У меҳнатининг натижаларини кўрмайди. Ҳатто бу мансабга келганига 25 йилдан кейин ҳам унинг кўп йиллик меҳнати қанчалик муваффақиятли бўлишини билмаслиги муқаррар. Унинг ҳурмати жуда баланд бўлса-да, меҳнати ҳақи арзимас даражада, балки умуман йўқ, деб айтиш мумкин. Аёллар билан суҳбатлашганимда, ҳаётимнинг энг муҳим бўлган учта соҳаларидан бири (руҳий ва ҳиссий ҳолатлардан кейинги) эканини тушундим. Эрлар биринчи навбатда оналик учун ибодат қилишлари керак экан. Аёллар фарзандларини тарбиялаш учун энг мушкул вазифа — яхши она бўлиш билан яхши хотин бўлиш ўртасидаги ишнинг беғалва томонини топиб олишларидир. Бунинг учун ҳар бир она ҳар куни кураш олиб боришига тўғри келади. У буни ошкора айтадими, йўқми — у ё эрига ёки фарзандларига етарлича эътибор қаратмаётгани учун ўзини айбдор деб ҳис қилади. Гап ҳатто она ажратган вақт миқдорини таққослашда эмас, чунки вояга етган, мустақил эрни умуман ожиз гўдак билан солиштириш мумкин эмас. Аёл биладики, эри ўзи кийинади, ўзи нонушта қилади, ўзи ишга кетади. У мустақил равишда қарор қабул қилади. Болалар эса онанинг доимий ғамхўрлигига муҳтож, улар қанчалик ёш бўлсалар, уларнинг эҳтиёжлари кўпроқ. Бошқа кўп вазифалардан фарқли ўлароқ, онанинг вазифасини бошқа одам зиммасига ололмайди. Хотинингиз уйғунликка эришиши учун ёрдам берадиган сизнинг ибодатларингизга муҳтож. Агар хотинингиз бунга эриша олса, сизнинг оилангиз жиддий равишда муваффақиятга эришган бўлади. Сизнинг ибодатларингиз фарзанд тарбиялаш ишида унинг зиммасидаги юкни, бу улкан меҳнат унинг учун оғирлик қиладиган юкка айланмасдан енгиллаштиради. Энг асосийси — сизнинг ибодатларингиз орқали Худо ишлайди, бунинг шарофати билан фарзанд тарбиялаш хотинингиз учун хурсанчилик бағишлайдиган юмушга айланади, унинг қалбига сокинлик олиб келади. Хотинингиз фарзандлар билан машғул бўлган пайтда унинг юрагида Худо ато қилган тинчлик бўлиши жуда зарур. Чунки бусиз хотинингиз болалар улғайиб, уйларини тарк этиш керак бўлган даврни бошидан кечиролмайди. Унинг учун оналик нима экани — хурсандчилик келтирмайдиган ва тинка-мадорини қуритадиган мажбурият ёки шодлик келтирадиган ҳаётнинг мақсади экани айнан сизнинг ибодатларингизга боғлиқ. ФАРЗАНДСИЗ АЁЛНИНГ ҚАЛБИ Ҳар бир аёлнинг қалбига туғилган пайтиданоқ белгиланган вазифани бажариш истаги солиб қўйилган. Қолган ҳамма нарсалардан ташқари, аёлнинг танаси болани дунёга келтириш учун яратилган; аёлнинг қўллари бола ушлаш учун берилган. Агар у қўллар узоқ вақт бўш қолса, аёлнинг қалбида ҳам бўшлиқ пайдо бўлади. Ҳаттоки у ёки бу сабабларга кўра фарзанд кўрмасликка аҳд қилган аёллар ҳам баъзан қўлларида бола ушлаш истагини кучли ҳис қиладилар. Баъзилари фарзанди бўлишини қаттиқ истайди, аммо бу имкониятдан маҳрум бўлган аёллар шундай кучли оғриқни ҳис қилишадики, бундай оғриқни фақат Худо Ўз дахлдорлиги билан енгиллаштириши мумкин. Муқаддас Ёзувда шундай дейилган: «…ҳеч қачон қониқмайдиган нарса, етарли демайдиган тўрт нарса бор… бепушт бачадон… етарли демайди» (Ҳикмат. 30:15–16). Хотинингиз она бўлишни исташи мумкин, аммо бўла олмаяпти. У ҳаттоки ички кечинмалари ҳақида ҳеч нарса айтолмайдиган бўлиши мумкин. Шунда хотинингиз тасалли топиши учун ибодат қилинг. Агар хотинингиз иккалангиз бизга фарзанднинг ҳожати йўқ, деб қарор қилган бўлсангиз ва бу Худонинг хоҳишига қарши эмаслигига ишончингиз комил бўлса, у ҳолда ҳаммаси жойида. Лекин бирингиз ота ёки она бўлишни истасангизу иккинчингиз хоҳламаётган бўлсангиз, у ҳолда сиз умидсизлик, ётсираш, балки бутунлай алоқангиз узилиб кетишга олиб борадиган йўлда турибсиз. Аммо Худо бу мавзуда баҳслашишингизни истамайди. Агар хотинингиз билан муросага кела олмаётган бўлсангиз, биргаликда Худонинг ҳузурини қидиринглар, бир-бирингизни тушунишингиз учун, Худо хоҳишига мувофиқ қарор қабул қилишингиз учун ибодат қилинг. Аёлларнинг энг кучли истакларидан бири — фарзандли бўлиш истагини кўрсатиб берган сўров натижалари ҳайратланарли. Шунинг учун бу муаммо тамомила ҳал бўлиши учун сизнинг хотинингизнинг танасида зарур бўлган ўзгаришлар содир бўлишини ибодат қилиб сўранг. Таслим бўлманг. Мен йиллар мобайнида фарзанд учун ибодат қилиб ғаройиб тарзда у ёки бошқа жавобни олган кўп одамни биламан. Худодан мўъжиза кутган аёл ва эрларнинг узоқ ва қизғин ибодатларисиз бунинг имкони бўлмасди. Одатда буюк мўъжизалар, уларни жон дилдан кутган одамларнинг ҳаётида рўй беради. ИШЛАЙДИГАН ОНА Нима бўлганда ҳам, фарзанд туғилган дақиқадан бошлаб хотинингиз ўзини айбдордек ҳис қилаверади. («Мен қўлимдан келган ҳаммасини қилдимми?», «Мен керагидан ҳам ортиқча уриниб юбормадиммикан?»). Агар хотинингиз — фарзандларингизнинг онаси яна уйдан ташқарида ҳам меҳнат қилаётган бўлса, айбдорлик ҳисси доимо уни тарк этмай, ортидан юраверади. Фарзандлари туғилди ёки унинг ҳаётида болалар пайдо бўлди. Энди кўпинча унинг хаёли доимо улар билан банд бўлади. Фарзандлари мактабдан келганда, кутиб олишга имкони йўқ, болалари ўқиётганда ва нимадир янги нарсани ўрганаётганларида ёнида эмас, бола касал бўлганда «касаллик варақаси» ололмайди, боласи у билан бирга спорт мусобақаларига, тадбирларига, спектаклларга, ўйинларига қатнаша олмайди. У билан бирга сайрга чиқолмайди. Шу билан бирга, бошқа одам бу ишларни ўзидан яхшироқ буни қилолмаслигини она билади. Фарзанд ҳақида ғамхўрлик қилиш ишониб топширилган одам сифатида она ўз вазифасини етарли даражада бажаряптими, йўқми? Бу ҳақда хавотирга ўрин борми ёки йўқми? Буларнинг ҳаммаси онани ташвишга солиб, унда айбдорлик ҳиссини уйғотмаслиги мумкин эмас. Аёл қанчалик олийжаноб, садоқатли бўлмасин,фарзандларини тарбиялаш вазифасини қанчалик яхши бажармасин, у янада комил она бўлиши учун ибодатга муҳтож. Айниқса, ишлайдиган оналар бундай ибодатларга жуда ҳам муҳтож, чунки уларнинг юки оғирроқ, вақти эса камроқ. Агар хотинингиз ишлаётган бўлса, у болалари билан кўпроқ вақт ўтказа олиши учун ибодат қилинг. «Хотиним камроқ ишлашига ёки умуман ишини ташлаши учун имкон яратгин», деб Худодан сўранг. Хотинингиз бутунлай ўзини ўзи ҳукм қилишдан озод бўлиши учун ибодат қилинг. ОТАЛАР ҲАМ ЎЗЛАРИНИ АЙБДОР ҲИС ҚИЛАДИЛАР Мен билган эркакларнинг ҳар бири ўз фарзандларининг ҳаётида кўпроқ иштирок этишни истайдилар, уларнинг кўп вақти иш билан банд бўлгани сабабли ўзларини айбдор деб билиб қийналадилар. Ўз-ўзидан маълумки, эркак киши меҳнат қилади, оилани боқади. Бу жуда яхши Гарчи эркакларнинг саъй-ҳаракатлари ва оила равнақи ҳақидаги ғамхўрлиги лойиқ даражада баҳоланмаса ҳам, эркак киши куч билан муваффақиятга интилганда, жамият унга кучли босим ўтказади. Шундай пайтда у муваффақиятга эришса ҳам, унинг ҳафсаласи пир бўлиб: «Яқинларимнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам умидларини оқлай олмайдиган омадсизман», деб ҳисоблайди. Бу ва бошқа сабаблар мени Ибодатгўй аёлнинг қудрати китобини ёзишга ундади. Чунки эркаклар хотинларининг ибодатлари орқали қўллаб-қувватлашларига қанчалик муҳтож эканликларини биламан. Юқорида айтилганлардан сўнг, оила бошлиғи сифатида сизга далда бериб, сиз уйда бўлишингиз ўта зарурлигини айтиб ўтмоқчиман. Бу сиз ўйлагандан ҳам муҳимроқ. Сиз уйда бўлганингизда, уйингиздагилар ўзларини хавфсиз, севги ва ғамхўрлик қуршовида ҳис қилишади. Сиз яна болаларингиз билан вақт ўтказишга вақт топасиз, уларнинг кўзларига бемалол қарай оласиз, уларнинг муаммолари ҳақида сўзлашиб, далда берасиз. Ана шунда болаларингиз ўзларини керакли, суюкли деб ҳис қиладилар. Фарзандларингиз ҳаётида иштирокингиз улар учун қанчалик катта далда эканини сиз ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Болаларингизнинг кундалик ишларида иштирок этар экансиз, улар билан яқинлашасиз, ҳам бир дақиқада уларнинг эҳтиёжларини ўзингиз истагандек қондирасиз. Аммо ана шуларга ёрдам берадиган бир чора бор. Бу чора — улар учун сизнинг ибодатингиз. Албатта ибодат фарзандларингиз билан шахсий мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Чунки болаларга бошқа ҳамма нарсалардан ҳам кўра кўпроқ ота керак. Болаларингиз билан биргаликда ибодат қилишингиз ҳам улар учун зарур. Агар сиз бирор ёққа кетишингизга тўғри келиб қолса, «Сизлар учун ибодат қиламан», деб ҳар бир фарзандингизга айтинг. «Сизларнинг қайси эҳтиёжларингиз учун ибодат қилай?» деб қизиқиб сўранг. Ҳар бир фарзандингиз учун кун давомида бир неча марта ибодат қилинг. Шунда улар кундалик ҳаётларида сизни ва Худонинг ҳузурини ҳис қилишади. Бу катта кучни қамраб олади. Агар фарзандларингиз учун хотинингиз билан бирга ибодат қилсангиз, яна ҳам яхши бўларди. Ахир, «…агар ер юзида сиздан икки киши якдил бўлиб, қандайдир бир нарсани сўрашса, Менинг осмондаги Отам уларнинг тилагини бажаради» (Матто 18:19). «Агар бир одам мингтасини, иккитаси эса — ўн мингтасини тумтарақай қочирса» (Қонунлар 32:30), у ҳолда фарзандларингиз учун хотинингиз билан бирга қиладиган ибодатингиз қанчалик кучга эга бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Хотинингиздан: «Фарзандларимизнинг ҳар бири ҳақида фикринг қандай, биттама-битта айтиб бер», деб илтимос қилинг.Чунки ишингиз кўп кунлари сиз ниманидир сезмагансиз, хотинингизга эса маълум. Хотинингиз эса уларнинг барча муаммоларини, ожиз томонларини ва ижобий тарафларини билади, сиз ҳам булардан хабардор бўлишингизни истайди. Фарзандларингиз учун ибодат қилишингиз ҳақидаги фикрдан хотинингиз хотиржам, хурсанд бўлади. Қилган ишингиз учун мукофот қанча юқори бўлса, хотинингиз ва фарзандларингиз учун ибодат қилишга ажратилган вақт ундан ҳам юқори баҳога сазовор. Аслини олганда, у бебаҳодир. Улар учун ибодат қилар экансиз, биргаликдаги келажагингиз равнақига ҳисса қўшган бўласиз, чунки сиз самода хазина йиғяпсиз. Хотинингиз фарзандларингизнинг онаси сифатида бажараётган ишни баҳолашга келсак, эримнинг Донна Саммер билан бирга ёзган шу мавзуга оид қўшиғидан бир мисра келтирмоқчиман: «У кўп меҳнат килади, кўп нарсага эришади, шунинг учун ҳам унга ҳурмат билан қаранглар». Ибодат қилинг, ибодат, яна ибодат. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Худо уни фарзанд тарбиялаш ишида бошқариши учун; • Фарзанд тарбиялаётганда, сабрли бўлиши учун; • Фарзанд тарбиялашда доно бўлиши учун; • Болаларни Худони таниб-билишларига ўргатиши учун; • Ҳар бир фарзандга қандай ибодат қилишни билиши учун; • Фарзандларга: «Онага қулоқ солиб, ҳурмат қилишни ўрганинглар», деб ўгит бериши учун; • Фарзандлари улғайганда, унга Худодан марҳамат бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Қўшиқчи ва бастакор Стивен Кертис Чапмен сўзлайди. У билан рафиқаси Мэри Бетнинг оила қурганига 16 йил бўлди, тўртта фарзандлари бор. Бизнинг оиламизда ибодат кучи бир неча бор намоён бўлса-да, энг ғаройиб воқеа икки-уч йил аввал содир бўлди. У пайтда 13 ёшга тўлган қизимиз Эмили: «Қанийди бирорта опа асраб олсак», деб кўп марта айтган эди. Биз, ота-она эса: «Сен учун кичкина қизча асраб олишимиз керак», деб тушунтиришимизга тўғри келарди. Бегона одамларнинг қизи ё ўғлини асраб олган оилаларга нисбатан ҳурматим ва севгим юксак эди. Оиласига бир неча болани олган яқин дўстларимизни кўп қўллаб-қувватлардик. Аммо хотиним бизнинг бу борадаги фаолиятимиз фақатгина бошқаларни қўллаб-қувватлаш билан чегараланишига қаттиқ ишонарди. Қолаверса, мен оиламизда ҳукм сураётган севгини оилавий севги етишмаётган қайсидир ёш бола билан баҳам кўришни анчадан бери ўйлаб юрар эдим. Мен етим-есирлар ва тул аёллар ҳақида ғамхўрлик қилишга даъват этадиган Ёқуб Мактубига тез-тез эътибор қаратардим, орзуим амалга ошармикан, деб ўйлардим. 1999 йилнинг баҳорида асранди болалар иши бўйича агентлик бўлими учун маблағ йиғиш кечасида қўшиқ айтиб беринг, деб илтимос қилишди. Биз бу агентликнинг фаолиятида бир неча йиллардан бери фаол иштирок этиб келардик. Эмили мен билан бирга эди. Ўша кеча Мери болаларимизга қараб қолган, бу тадбирга кела олмаганди. Ўша кеча Эмили бола боқиш мавзусидаги китоблардан бир тўпламини уйга йиғиб келиб, Хитойда бола асраб олишни истаган оилалар кам, деб маълум қилди. Авваллари Эмили бу масалага оид нима олиб келмасин, ҳаммасини ўқиб чиқишга сўз берарди, аммо бу машғулот ўзига ёқмаслигини аён қиларди. Шунда биз ибодат қилишни бошладик. Биз маълум бир вақт давомида ибодат қилдик. Аммо шуни айтишим керакки, бу жараённинг фаол иштирокчилар мен билан Эмили эдик. Мен бутунлай тайёр, хоҳишим ҳам бор. Аммо Мери ҳам бу қадамни ташлаши учун Худо унинг юрагини ўзгартириши, қалбини тинчлик ва истак билан тўлдириши, умуман, Худонинг иштироки зарурлигини яхши тушунардим. Мери ўзи ҳаммасидан ҳам кўра, менга севги ва ҳамдардлик етишармикан, асраб оладиган боламни учала боламдек сева олармиканман, деган хавотирда эди. Бундай зиддиятлар билан у қандай курашсин? Бола боқиб олиш истагимиз тўғримикан ўзи? Мери шундай дерди: «Мен ҳатто жиянимнинг таглигини алмаштиролмайман. Ўзимнинг болам билан эса ҳаммаси бошқача. Агар асранди болам билан ҳам аҳвол шундай бўлса, унда нима бўлади?» Биз ҳатто ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлаганимизда ва мақсадга астойдил яқинлашиб келаётганимизда ҳам, у кечалари кўз ёш тўкиб: «Бу қадамни ташлашга ҳали тайёр эмасман», деб такрор-такрор айтарди. Лекин биз Эмили билан бирга ибодат қилишда тавом этавердик. Одатда мен шундай деб ибодат қилардим: «Осмондаги Отажоним! Сен биласанки, ҳаётимизда кўпгина аҳмоқликлар қилганмиз. Балки бу аҳмоқлигимиз ҳаммасидан ўтиб тушгандир. Менда шундай таассурот туғиляптики, гўё Сен йўлимизда ниманидир қураётганга ўхшайсан. Сен биз учун Ўзингнинг мукаммал Қонунингда олдиндан ниманидир мўлжаллаб қўйгансан, мен ўша нарсани пайқамай, ёнидан ўтиб кетишни истамайман. Агар бола асраб олишимизга Сенинг хоҳиш-ироданг бўлса, буни Мерига аён қил, менга ҳам ёрдам бер, токи Сенинг бу хоҳиш-иродангни қабул қилай. Мен Мерини мажбурлашим керак эмас. У менинг муносабатимни билади. Мен эса ҳаммасини Сенинг қўлларингга топшираман. Агар бу бизга раво бўлмаса, биз розимиз. Илтимос, ҳаммаси Сенинг хоҳишинг бўйича бўлсин». Худо бунинг устида ишларди. Қачондир биз китоб ёзамиз, ҳаммасини батафсил айтиб берамиз. Ҳозир эса шуни айтмоқчиманки, 2001 йилнинг 16 мартида Эмили, Кейлаб, Уилл Фринклин ҳақиқий мўъжизанинг гувоҳи бўлдик. Шаоханно исмли йўргакланган чақалоқни Мерининг қўлларига илк бор тутқазганларида, Мерининг кўзларида унинг қизи эканлигига асло шубҳа йўқ эди. Имоним комилки, ўша зоҳатиёқ Мери Бет ҳаётини болалари учун қандай бағишлашга тайёр бўлса, Шаоханно учун ҳам шунчалик тайёр эди. Қачонлардир бехосдан шубҳа билдирганимга ҳозир Мерининг ўзи ҳам ишонмаса керак. Ҳа, фақат Худо қила оладиган ишини бажарди, бунинг учун биз Ундан жуда миннатдормиз. Биласизларми, яна нимаси қизиқ? Таглик ҳақида ҳатто бир сўз ҳам бўлгани йўқ. Ибодат Эй Раббим! Сендан илтимос қиламан: хотиним (хотинингизнинг исми) фарзандларимиз учун комил она бўлиши учун унга ёрдам бер. Бунинг учун хотинимга куч бер, Исо Масиҳ орқали Сен ҳар нарсани қила оласан, деб унга англат (қаранг: Филип. 4:13). Унга сабр, меҳр, назокат ва ёрқин онг ато эт. Унинг сўзларини шундай бошқаргинки, унинг сўзлари яратувчи бўлсин, барбод қиладиган бўлмасин, ўлим эмас, ҳаёт олиб келсин. Ҳар бир фарзандга алоқадор қарор қабул қилаётган лаҳзаларида уни бошқаргин. Имонли одамга, эр ҳамда отага берилган ҳокимиятга асосланиб, мен фарзандларимиз юрагидаги ҳар бир қаршилик ва итоатсизликка барҳам бераман (қаранг: Лука 10:19). Қисман, мен (болангизнинг исми) учун ибодат қиламан, Сендан (фарзандларингизнинг аниқ бир эҳтиёжини айтинг) ни тўлдиришингни сўрайман. Эй Раббим! Сенинг иштирокингсиз фарзандларимиз тарбиясида бизнинг ёрдамчимиз бўл. Болаларга билим беришда, маърифатли қилишда уларни интизомга ўргатишда ва ҳар бири ҳақида ғамхўрлик қилишда мен билан хотинимга сабр ва донолик бер. Ҳар бир фарзандимизнинг эҳтиёжини тушуниб, эҳтиёжларини қондиришга ёрдам бер. Бизга ёрдам бер: хонадонимизга телевидение, китоблар, фильмлар, видеоўйинлар: журналлар ва интернет орқали нима киритаётганимизни тушунайлик. Биз кўриб-билишимиз керак бўлган нарсаларни англашимиз учун ваҳий бер, қобилият бер. Ҳар бир фарзандимиз ҳақида ва унинг келажакдаги ютуқлари тўғрисида ниятингни аён қил. Фарзандларимиз устидан ортиқча ҳукмронлик қилиш билан улар вақтидан олдин мустақил яшашларига йўл қўйиш ўртасида қийинчилик туғдирмайдиган томонни топишимизга ўргат. Биз гуноҳкор бўла туриб, фарзандларимиз тўғрисида ғамхўрлик қилишни билар эканмиз, боз устига Сен — осмондаги Отамиз, Сендан сўраганларга мўл-кўл неъмат берасан (Матто 7:11). Шунинг учун ҳам мен фарзандларимизга Сенинг неъматингни — заковат, куч, қобилият, доноликни сўрайман. Бизни ҳар турли бахтсиз ҳодисалардан, касалликлардан ва ёмон таъсирдан сақла. Душманнинг режаларидан биронтаси ҳам ҳеч қачон амалга ошмасин. Фарзандларимиз Сенга эргашишни доимо хоҳлаб, каломингга итоат этсин, деб ҳар иккимизга нисбатан эҳтиромли муносабатда тарбиялашимиз учун бизга ёрдам бер. Хотиним она сифатида доимо кўнгли тўқ бўлсин, Исо Масиҳда ким эканини унутмасин, деб ибодат қиламан. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Болалар туриб дуо қилади, Эри ҳам мақтайди. Ҳикмат. 31:28 Мана, ўғиллар — Эгам берган насиба, Фарзандлар — Худойим берган мукофотдир. Забур 126:3 Уларнинг меҳнати беҳуда кетмас, Насллари бахтсизликка мубтало бўлмас, Уларнинг ўзи, авлодлари ҳам Эгам марҳаматлаган қавмдир. Ишаё 65:23 Юрагингни сувдай тўкиб солгин Раббийга! Қўлларингни узатгин осмонга, Болаларинг учун ёлворгин Унга! Ерем, марсияси 2:19 Мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди. 1 Шоҳ. 1:27 5-БОБ. УНИНГ КАЙФИЯТИ Сиз ҳозир нима тўғрисида ўйлаётганингизни биламан: «Нима учун бу мавзуни «Унинг ҳиссиётлари» бобига қўшмади экан?» деб ўйлаяпсиз. Ҳиссиётларга бағишланган боб, ўта муайян характерга эга бўлгани учун ҳам бу ишни қилмадим. Ҳиссиётлар салбий ёки ижобий бўлади. Бу ерда сўз юритиладиган кайфиятларни тасвирлаш мушкулроқ. Уларни айнан ўхшатиш ва таҳлил қилиш жуда мушкул иш. Баъзида улар шундай тутқич бермас, тасодифий ва мантиқсизки, кўпчилик эрлар бу сирли соҳага киришни ҳатто истамайдилар ҳам, туб моҳиятига етишни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бироқ мен аёлларнинг кайфиятларига сўз топишга ҳаракат қилиб кўраман. Умид қиламанки, бу сизга ҳам ниманидир тушунишингизга ёрдам беради. Имкон бўлса, сиз учун маълум бир аҳамиятга эга бўлади. Аввал аёлнинг онги ва қалбида ҳеч нарсани пайқамай юрган эрига ва атрофидаги инсонларга номаълум бўлган қандайдир жараён кечишини доимо эсда сақлаш лозим. Гап шундаки, аёлнинг ҳаётидаги ҳар бир нарса — ташвишлар, қўрқувлар, гармонал ҳолатнинг ўзгариши, мажбуриятлари, аввал бўлиб ўтган хафагарчиликлар, ўтган тунда неча соат ухлагани, шайтоннинг режалари ва ҳатто соч турмаги — доимий равишда унинг диққатини банд қилади. Баъзи пайтда буларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида аёлнинг бошига тушганда, у бардош беролмайди. Бир неча дақиқа аввал нима воқеа содир бўлганининг аҳамияти йўқ, охирги марта у билан нима ҳақда гаплашганлари муҳим эмас, чунки бу ўша вақтда бўлиб ўтган. Бу эса ҳозир содир бўлмоқда. Сиз ҳозир жуда ҳам ҳайратда қолган бўлсангиз керак. Чунки сизга бундай нарсалар тўғрисида ҳеч қачон сўзлаб берилмаган. Лекин бу хусусда хавотирланманг, чунки сизнинг хотинингиз худди ўзингиздек, содир бўлаётган нарсаларнинг моҳиятини тушунмайди. Тушунишга ҳаракат қилинг: эркак сифатида сизнинг анча оддий ва тушунарли эҳтиёжингиз бор — овқатланиш, жинсий алоқа, муваффақият, обрў-эътибор ва бўш вақтингиз. Сиз билан таққослаганда, хотинингиз анча мураккаброқ зот. Унинг эҳтиёжлари шу қадар ноёбки, у ҳатто эҳтиёжларининг табиатини ҳам тушунтириш ҳолатида эмас. Фақатгина Унинг Яратувчиси — Худо буни фаҳмлаб олиши мумкин. Масалан, ҳайз кўриш муддати аёлнинг руҳий ҳолатига жуда катта таъсир этади. Унинг ҳиссий таъсирчанлиги ҳайз кўришдан бир неча кун аввал кучаяди. Ўша қийин кунлар давомида у шу ҳолатда қолади, бу кунлар ўтиб кетганидан кейин ҳам маълум вақт давомида сақланиб туради. Ойнинг ўртасида у тахминан уч кун руҳий мувозанатда бўлади ва бу кунлар у учун яхши кунлар бўлади. Шу кунларнинг бирида унда овуляция содир бўлади. Шундай экан, бу кунда нимани кутиш мумкинлиги ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин, холос. Шундай қилиб, эркак ўзини бутунлай хавфсиз ҳис қилиши мумкин бўлган икки кун қолади. Бундан ташқари, агар аёл руҳий зарбани бошидан кечираётган бўлса, агар эри банд бўлиб, хотинига вақти бўлмаса, аёлнинг ёши ўттиздан ошаётган бўлсаю орзуси амалга ошмай умри ўтиб кетаётганини ҳис қилиб турган бўлса, унинг фарзандлари ҳали ёш, доимо онасига муҳтож бўлса, агар болалари улғайиб, унга муҳтож бўлмаса, агар у ижодкор шахс бўлсаю ижодкорлигини намоён қилишга имконияти йўқ бўлса, семириб кетаётган бўлса, агар шайтон, сенинг ҳаётинг маънисиз ўтяпти, деб такрор-такрор айтаётган бўлса — мана шундай ҳолатларда аёлнинг атрофидаги ҳамма нарса чексиз умидсизлик ва тушкунлик қаърига чўка бошлайди. Бу вазиятда ниманидир тузатиш имконсиздек туюлади. Агар сиз қачондир хотинингиз бундай кайфиятда эканлигини пайқаб қолсангиз, яхшиси: «Бугун сенга нима бўлди?» деб сўраманг. «Раббим, хотинимга нима бўлганини менга аён қил, мени тўғри ҳаракат қилишимга ўргат», деб ибодат қилинг. Сўнгра хотинингиздан: «Сенинг ажойиб фикрларингда нималар бўлаётганини менга сўзлаб бер», деб сўранг. Балки хотинингиз сиз фақатгина пайқашингиз мумкин бўлган муаммосининг моҳиятини таърифлаб бера олмас. Лекин сиз уни тинглаётганингиз хотинингиз учун муҳим. Агар хотинингиз ўзининг қанчалик жирканчли эканини ва сиз унда кўрган руҳий ҳолатни, тушунмайман, деб айтса, бу борада унга қўшилманг. Агар у: «Сиз менга панд берганингизни унутмадим ҳали», деб айтса, ўзингизни оқламанг. Агар у қаергадир узоқроққа қочиб кетиш ёки кимнидир ўлдириш ҳақидаги ички ниятини айтса, уни бағрингизга олиб: «Ўзингга мос машғулот топишингда менинг ёрдамим тегиши мумкинми?» деб сўранг. Бундай пайтда имкон қадар бошингизни лиқиллатманг, соатга ёки телевизор пультига қарайверманг. Атрофда ётган газетага ёки ёзаётган варақларингизга қарайверманг. Асосийси, бу пайтда ўзингиз муҳим деб ҳисоблаган нарса ҳақида ўйламанг. Аёллар бундай фикрларингизни эллик метр наридан туриб ҳам пайқаб олиш қобилиятига эгадирлар. Сизга бир маслаҳат бермоқчиман: Бу маслаҳатим бўронда сувлардан сузиб ўтишингизга ёрдам беради, деб умид қиламан. Мен бир неча фойдали ва доимо самара берган ибораларни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Сиз бу ибораларни хотинингизга истаганингизча айтишингиз мумкин. Лекин шундан сўнг у учун ибодат қилишни унутманг. Мана ўшандай гаплар: 1. «Мен сени севаман». 2. «Бу дунёда энг яхши аёл сенсан». 3. «Ғамгин бўлганингда ҳам сен жуда гўзалсан». 4. «Менга айт-чи, сени нима қийнаяпти? Сўз бераман, аччиқланмайман». 5. «Сенга қандай панд бердим экан, ўзимга айт». 6. «Сенга тасалли бериш учун мен нима қилай?» 7. «Бугун яхши ухладингми?» 8. «Ҳозир сен нима истаган бўлардинг?» 9. «Мен ҳаммасини билмайман, лекин Худо билади». 10. «Истасанг, бу учун бирга ибодат қиламиз». Бу тадбирнинг ҳаммаси, ибодатингизни ҳам қўшган ҳолда, ўн беш дақиқагина вақтингизни олади. Шу вақтда хотинингизга қарши турган кучларнинг барчаси тарқаб кетади. Шундай катта муваффақиятга эришадиган бўлсангизу арзимас вақтни кетказсангиз, арзимайдими?! Нима бўлганда ҳам, хотинингизга шундай саволни берманг: «Нима, яна ой кўрганда бўладиган машаққатли кунларинг бошландими?» Хотинингиз азобларини осонликча тушунтириб беришни истамайди. Ҳатто унинг ёмон кайфиятига айнан ўшандай кун сабаб бўлган тақдирда ҳам, шу топда у бу гапларингизни тушуниш ҳолатида эмас. Бу мавзуга урғу беришнинг кераги йўқ — бу фойдасиз. Сиз хотинингизнинг муаммосини тушунишга ҳаракат қиляпсиз. Шу пайтда у албатта сизга кўнглидагини айтиб беради: — бу жинсий алоқа ила яқинлашиш истаги бўлиши мумкин, балки уни тушунишингизни истар, балки қадр-қимматига яраша баҳолашингизни ёки оддийгина «ҳаммаси яхши бўлади» деган сўзларингизни эшитишни хоҳлар. Худодан, хотиним нима хоҳлаётганини тушунишимга ёрдам бер, қандай қилиб ибодат қилишини кўрсат, деб сўранг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, қуйидагилар учун ибодат қилинг: • хотинингизни Худо хотиржамликка эриштириши учун; • кайфияти ўзгаришидан азоб чекмаслиги учун; • унинг гармонал ҳолати доимо яхши бўлиши учун; • сизнинг олдингизда ҳис-туйғуларини очиқ изҳор қила олиши учун; • сиз уни севишингизга ишониши учун; • сиз доимо уни дикқат билан тинглашингиз учун; • рафиқангиз доимо Худодан умид қилиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Бастакор Майкл Хэрритон сўзлайди. Унинг ўзи ва рафиқаси Террининг оила қурганларига 23 йил бўлди, учта вояга етган фарзандлари бор. Эркаклар! Агар хотинингиз овозини кўтариб, бақириб: «Менга тегма!» деб кўрпа-тўшак қилиб олса, кечқурун соат еттидаёқ чироқни ўчириб қўйса, бунинг маъниси қуйидагича: «Мени тарк этма. Олдимга кел. Мени қутқар. Менга ёрдам бер!» Агар сиз хотинингизнинг қўлини ушламоқчи бўлсангизу у қўлини тортиб олмоқчи бўлса, бу дегани: «Илтимос, яна бир марта такрорла, менга шуниси керак, мени тушкунликдан қутқар», деганидир. Менинг хотиним — доимо менга ҳар ишда ёрдам беришга тайёр гўзал, истеъдодли аёл — студияда овоз ёзади, овоз қўйиш бўйича дарс беради, курьерлик мажбуриятларини бажаради, мазали таом тайёрлайди, рўзғорни бенуқсон олиб боради, мижозларим билан ишлайди, жамоатда хизмат олиб боради. Айни пайтда менинг юрагимдаги орзуларимни амалга оширишнинг уддасидан ҳам чиқади. Лекин уни ҳиссиётлар гирдоби чулғаб олган пайт ҳам бўладики, бунда мен фақат ўзимни айбдор деб биламан. Мен жавонда пайпоғимнинг бир пойини топсам, баъзан шу учун ҳам унинг дилини сиёҳ қилишим мумкин. Бундай пайтларда хотиним уйдан қочиб кетишни ёки циркка ишга киришни ё космонавтлар гуруҳига ёзилишни ёки одам қадами етмаган оролга битта чипта сотиб олишни хоҳлаб қолади. Унинг ўзи иқрор бўлиб менга шундай деб айтган. Шундай кунларнинг бирида мен унга қўлимни чўзиб, бағримга босмоқчи бўлдим. У гўё моховдан қочгандан қочгандай, сапчиб ўзини мендан олиб қочди. Мен иккинчи марта ҳаракат қилиб кўрдим, яна натижасиз (наҳотки аёлларни бунга атайин ўргатишса?!) Ниҳоят, у тилга кирди: «Мен чиройли ЭМАСМАН! Мен қобилиятли ЭМАСМАН! Менинг қўлимдан ҲЕЧ НАРСА келмайди! Мен ҲЕЧ КИМГА керак эмасман! Мен учун ҲЕЧ ҚАЕРДА ЖОЙ ЙЎҚ! Мен омадсизман! Сенга ўза қаерим ҳам ёқарди!» Эркаклар, бу ғайри табиий савол сизларни хижолатга солмасин. Ҳаммаси яхшилик билан тугаши учун бор кучингизни ишга солинг. Балки хотинингиз сизни синаётгандир. Унинг барча фазилатларини ўзига айтган ҳолда, сиз бу синовдан ўтишингиз керак. Агар мен унга ачиниб, кечирим сўраб шу усулларни қўлласам, албатта таъсир қилади. Ибодат Эй Раббим! Мен хотиним (хотинингизнинг исми) учун ибодат қиламан. Сендан илтимос қиламан, унинг руҳини хотиржам қил, ҳозирнинг ўзидаёқ унга тасалли, хотиржамлик бер. Уни ўз тўрларига илинтирмоқчи бўлган душманнинг овозини ўчир. Хотинимнинг ҳар бир фикрини ўзингга жам қил, токи у Сенга итоат этишга ўргансин (қаранг: 2 Кор. 10:5). Унинг онгига кириб бораётган ҳар бир ёлғонни ўзига намоён қил, уни ҳақиқат йўлига қайтар. У фақат Сенинг овозингни тинглашига ёрдам бер. Уни Муқаддас Руҳга тўлдир. Сеники бўлмаган ҳар бир нарсани унинг ҳаётидан даф қил. Унинг вужудидаги жараёнларни шундай мувозанатга келтиргинки, у доимо хотиржам бўлсин. Ташқи вазиятга боғлиқ бўлмаган ҳолда, унга ички хотиржамликни ато эт. У ҳаётидаги ҳар бир яхшиликни керагича баҳолай олишига ўргат, токи ҳамма нарсага Сен қарагандек қарасин. Қўрқув ва ҳаяжон ундан устун келишига йўл қўйма. Унга умумий аҳволни борича кўрсат, муҳим нарсани номуҳим нарсалардан фарқлашни ўргат. Ўзининг ибодатларига Сен берган жавобларингни кўришга ўргат. Менга ёрдам бер: севгимни изҳор этганимда, хотиним доимо сезиб турсин. Раббим, мен биламан, Сен бизни «тинчликка чорлагансан» (қаранг: 1 Кор. 7:15). Ҳар иккимиз бу даъватингга қулоқ тутайлик. Ўзинг ато қилган чексиз хотиржамлик билан яшайлик. Мен хотинимга: «Масиҳ ато қилган тинчлик дилингда ҳоким бўлсин, доимо шукрона айтиб яшагин», дейман. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Қараб туринг, унга дарё каби тинчликни, Тошқин ирмоқ каби элатларнинг бойлигини оқизаман, Ишаё 66:12 Жоним ором топди, мен хотиржамман. Забур 130:2 Соф қалбдан Раббимиз Исо исмини айтиб чақирган ҳамма одамлар билан бирга солиҳлик, имон, севги ва тинчлик пайидан бўлгин. 2 Тим. 2:22 Оқшомда йиғи ҳукм сурса, саҳарда шодиёналик келур. Забур 29:6 Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади. Фил. 4:7 6-БОБ. УНИНГ ОИЛАСИ Саккиз ёшимга қадар мен чорва урчитадиган фермада яшадим. Тирикчилигимизни ўзимиз таъминлар эдик. Бир куни қишда — мен ҳали тўққиз ёшга ҳам кирмаган эдим — қаҳратон қишнинг қори чорвамизни нобуд қилди. Кейинги йили дўл барча ҳосилимизни нобуд қилди. Биз хароб бўлган эдик. Ёз тугай деганда, отам, ферма меҳнати ғоят қийин, деб бизга енгилроқ ҳаёт ваъда берувчи шаҳарга кўчиб ўтдик. Фермада яшаганимизда мен инсон тирикчилигини таъминлайдиган боғ қанчалик пухта парваришни талаб этишини тушундим. Модомики, ҳосил яхши бўлмаса, ейишга ҳеч вақо бўлмайди. Мен шуни англаб етдимки, агар боғингизда нимадир етилишини истасангиз, биринчи навбатда тупроғи ҳақида ғамхўрлик қилишингиз керак экан. Худди уйни пойдеворсиз қуриб бўлмаганидай, тупроққа яхшилаб ўғит солмасдан, яхши ҳосил берадиган боғ яратиш мумкин эмас. Сўнгра яхши уруғларни ғамлаб қўйиш керак. Нима экаётганингизни текшириб кўришингиз лозим. Чунки оладиган ҳосилингиз уруғларни танлашингизга боғлиқ. Уруғни эккандан сўнг ариқчаларга авайлаб сув тарашингиз, кўчатлар атрофидаги бегона ўтларни юлиб ташлашингиз, ҳафсала билан қарашингиз лозим. Зараркунанда ҳашаротлар, ёмон об-ҳаво ёки бошқа табиий шароитлар экинингизни йўқ қилмаслиги учун диққат билан кузатиб туришингиз керак. Сизларнинг эр-хотинлик ҳаётингиз шу боққа ўхшайди: аввал тупроғи тайёрланади, ибодат билан ўғитланади, сўнг керакли уруғлар — севги, садоқат, ҳурмат, эътибор ва мулоқотнинг яхши уруғлари экилади. СЕВГИ УРУҒЛАРИ Севги уруғларини экиш ҳаммасидан осон, ўша заҳотиёқ мевасини беради. Агар севги уруғларини турмуш ўртоғимиз эккан бўлса, бизнинг қалбимизда умид, тинчлик, бахт мевалари ўсиб чиқади. Бу мевалар қўрқув, омадсизлик ва хатоларимизнинг юзига дадиллик билан қарашимиз учун куч беради. Бу мевалар ҳаёт сўқмоғимизда учрайдиган барча тўсиқларни енгиб ўтишимизга ёрдам беради. Албатта, боғни ҳамма кераксиз нарсалардан халос этиш керак. Бегона ўтларни юлиш — боғбон учун эрмак эмас, балки унинг энг муҳим вазифасидир. Агар сизнинг эр-хотинлик боғингизда ранж, адоват, англашилмовчилик, танқид, худбинлик, ғазаб сингари бегона ўтлар бамайлихотир ўсаётган бўлса, яқин орада бу «бегона ўтлар» барча фойдали ўсимликларни «бўғиб қўяди». Баъзида шундай бўлади: боғнинг кўриниши ҳали анча яхши, лекин боғдаги ўсимликлар ўлик, ҳали қуриб ерга ёпишганича йўқ. Ташқаридан уларнинг кўриниши маъқул, аммо ичидан ўлган. Бу Худонинг ниятига мувофиқ эмас, албатта Раббимизни улуғламайди. Худо сизни оилангизда юксалган ҳолда кўришни истайдию сизни Ўзининг ҳақиқий ижодига айлантирадиган севги бўлмади, дейлик. Бу дегани — муносабатларингизда сизни бўғишга ҳаракат қилаётган худбинлик, қўрқув, ўзбошимчалик ёки башарий табиатнинг бошқа ҳар қандай бегона ўтлари мавжудлигини текшириб кўришингиз учун вақт келди, деганидир. Агар оилангизда жиддий муаммолар бўлса, билингки, Худо ибодатларингизга биноан мўъжиза қилиши мумкин. Худо одамларнинг қалби, ниятларини бир лаҳзада ўзгартириш қобилиятига эга. У гуноҳ ўсимлигини илдизи билан юлиб ташлай олади, ўлган севгини тирилтириб, уни нафақат ривожлантира оладиган қилади, балки гуллаб-яшнаётган дарахтга айлантиради. Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Севгингиз риёсиз бўлсин. Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликка чирмашиб олинглар» (Рим. 12:9). Оилангиздаги эзгуликка бутун қалбингиз билан чирмашиб олинглар. Шайтон боғингизга экмоқчи бўлган ҳамма нарсани рад этинг». Шартсиз севгининг янги уруғларини экишни ўргат, деб Худодан ўтириб сўранг (Боғингизга ҳар йили қайтадан уруғ экиш талаб қилинади.) Севги уруғларига ҳафсала билан ғамхўрлик қилсангиз, ажойиб ҳосил беради. САДОҚАТ УРУҒЛАРИ Боғимиз оч ҳайвонлар озиқланадиган жойга айланиб қолмаслиги учун, еримизни ўша ҳайвонлар киришига имкон бермайдиган мустаҳкам девор билан ўрашимиз лозим. Оиламиз шундай ҳимояга муҳтож. Агар биз чегараларимизни ҳимоя қилмасак, албатта нимадир ўғирланади. Кўпинча ўз оиласига бепарво қарайдиган одамлар уруғларини ўз ҳудуди чегарасидан ташқарига сепишади. Бу билан улар егулик излаб юрган турли жонзотларни жалб этади. Бу жонзотлар ичкарига кириб олиш учун ҳимоя деворларимизнинг заиф, эски, анчадан бери таъмирланмаган жойларини излашади. Агар биз бевафолик уруғларини сепсак, иҳотамиз барбод бўлади, боғимизга бегона жонзотларнинг киришига имкон яратган бўламиз. Мени қадрдон масиҳий дугонам бор. Эр-хотинлик боғи ташқарисига эри бевафолик уруғини сепган эди, бу вазият бутун боғни қўлга киритишни истаган, аёл жинсидан бўлган дайди, оч бир жонзотни жалб этди. Бу эркак ўша ҳамтовоғи билан уруғларини бегона ҳудудга соча бошлади, яна бегона ўтлар уруғини, денг. Оқибатда бир эмас, икки эр-хотинлик боғи барбод бўлди. Ҳар биримиз боғимиздан ташқарида уруғ экиш васвасасини бошимиздан кечирамиз. Лекин бу истакка қарши чиқадиган, онгли равишда садоқат уруғини экадиган одам мўл ҳосил ўриб олади. Ҳатто оилангиз ҳаётда бор бўлган жамики оилалардан зўр бўлса ҳам, атрофингиздаги тўсиқни душман барибир тешиб кириб, йўқ этишга ҳаракат қилади. Шайтон биттангизга тузоқ қўйиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланади. Шунинг учун оилангиз боғи ибодатнинг фойдали таъсирига муҳтож. Агар биз: «Эр-хотинлик иттифоқимиз жуда мустаҳкам, шунинг учун ибодат қилмаса ҳам бўлади», деб ўйласак, ўзимизни алдаган бўламиз. Муқаддас Китоб огоҳлантиради: «Ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслиги учун эҳтиёт бўлсин» (1 Кор. 10:12). Худодан: «Мен ва хотиним кейинчалик пушаймон қилишга олиб келмайдиган уруғларни экишимга йўл қўйма», деб ибодат қилиб сўранг. Худодан яна: «Мени садоқат уруғларини экишга ўргат, боғим атрофида қўшниларим ҳавас қиладиган мустаҳкам девор қуришга ўргат», деб ҳам сўранг. ИЗЗАТ-ЭҲТИРОМ УРУҒЛАРИ Омадсиз оила қандай пайдо бўлади? Бунинг асосий сабабларидан бири — эр-хотин бир-бирларининг манфаатини назарга илмасликдандир. Муқаддас Китобда айтилган: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин» (1 Кор. 10:24). Биз оиламизда ҳурматсизлик уруғларини эксак, жуфтимизнинг манфаатини кўзламаган бўламиз, аксинча, алам ва адоват меваларини ўриб оламиз. Жуфтимизнинг манфаатини ўз манфаатимиздан устун қўйиш — жуда мураккаб вазифа. Бу вазифани ўзимиздаги Муқаддас Руҳнинг кучисиз, оддий шароитда бажариш имкони йўқ. Шу боис бу ҳақда ибодат қилишимиз керак ва у бизнинг бурчимиздир. Ҳамонки сиз мен учун Масиҳдаги севикли биродарим экансиз, сизга бир гапни айтмоқчиман, аёллар ҳеч қачон эрларига айтмайдиган гапдан сизни хабардор қилмоқчиман: хотинингиз сиз учун она ҳам, хизматкорингиз ҳам бўлишни истамайди. Биринчи ҳолатда у сизга нисбатан ҳурматини йўқотади; иккинчи ҳолатда эса сиз унга нисбатан ҳурмат йўқотгандек таассурот қолади. Мен шуни биламанки, сиз учун она ёки хизматкор нима қилса, хотинингиз шуни бажаришга доимо тайёр. Агар сиз, менга бундай-бундай қилиб берсанг, дея тез-тез сўраб турсангиз, у сизнинг олдингизда ўзини худди ё гўдакдай тутади, ё сизга бошлиғидек муносабатда бўла бошлайди. Бу эса албатта сизларнинг муносабатларингизда ўз аксини топади. Хотинингиз ўзини тез-тез онангиз ёки хизматкорингиздек ҳис этса, у ўзини севикли ёрдек ҳис қила олмайди. Шунинг учун Худодан: «Мени бирон нарсага ўзингнинг кўзинг билан қарашга, оиламизда иззат-икром уруғларини экишга ўргат», деб сўранг. ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИШ УРУҒЛАРИ Агар сиз боғингизга етарли даражада вақтингизни, эътиборингизни ажратмасангиз, ҳеч қачон гуллаб-яшнаган боғингиз бўлмайди. Уруғни экасиз, боғим келажакда мўл ҳосил берсин, деб уни суғорасиз, кўчатларини парвариш қиласиз. Бу ишлар вақт, куч талаб этади. Бахтли оилада эр-хотин доимо иккови қолиши учун вақт топадилар. Агар сизнинг иш режангиз бунга имкон бермаса, демак, сиз доимо бандсиз, ишингиз кўп. Икковингиз бирга бўлиш учун, нималардир тўғрисида суҳбатлашиш учун, ниманидир муҳокама қилиш учун фикрларингиз, орзуларингизни ўртоқлашиш учун, шунчаки сукут сақлаб бирга ўтиришингиз учун ёки шошмасдан бир-бирингизга яқинлашиш учун вақт топишингиз зарур. Биламан, кўпинча шундай вазият бўладики, ишингизда кечгача ўтиришингизга тўғри келиб қолади. Аммо ишга шўнғиб кетсангиз, боғингизга нима экаётганингиз тўғрисида жиддий ўйлаб кўринг. Худодан: «Вақтимни шундай ташкил қилгинки, хотиним учун доимо вақт топай», деб сўранг. МУЛОҚОТ УРУҒЛАРИ Калом — бу уруғлардир. Аввалига уларнинг новдалари кичик бўлади, сўнг мустаҳкам ўсимликка айланади. Агар одам эр-хотинлик боғига ғазаб, ҳафсаласизлик, норозилик, сабрсизлик ёки бепарволик уруғларини экса, бегоналик ва совуққонлик, пала партишлик, айрилиқ, ғам ва маюслик ҳосилини ўриб олади. Бу ҳосил уруғидан шундай ўсимлик ўсиб, тарқалиши мумкинки, атрофидаги барча нарсаларга ҳалақит бериб, барбод қилиши мумкин. Кўп оилаларнинг энг мураккаб муаммоларидан бири мулоқотнинг етишмаслигидир. Аёллар кўпинча: «Эрим менинг гапларимни эшитишни хоҳламайди», деб нолийди. Эрлар эса, аксинча, шундай дейди: «Хотиним мени тушунмайди, у менинг сўзларимни нотўғри англайди». Эркак ва аёлларнинг турлича фикрлашларидан шундай қарашлар пайдо бўлади. Бироқ бу фарқлар бир-бирларини тўлдиришлари учун бундай фикрлар ёрдам беради. Агар эр-хотин юз берган шароитга турли нуқтаи назардан разм солсалар, улар Худодан, вазиятни ўзинг кўргандек кўришга бизни ўргат, деб сўраши керак. Фақат шу йўл билангина улар барча масалаларда якдилликка эришишлари мумкин. Эр-хотинлик муносабатлари боғида албатта ҳосил йиғиш вақти келади. Муқаддас Китоб: «Инсон нима экса, шуни ўради» (Галат. 6:7) дея огоҳлантиради. Агар сизга ҳосил ёқмаса, демак, бошқа уруғларни сепадиган вақт келди. Уруғлар ўзимизнинг ҳаракатларимиз орқали экилади. Аммо кўпинча сўзларимиз орқали экилади. Агар эр-хотин тил топиша олмасалар, аллақандай бегона ўтлар ўсиб чиқа бошлайди. Оила жаннат бўлиши ҳам мумкин, дўзах бўлиши ҳам мумкин. Кўпчилик одамлар учун эса бу икковининг орасида. Буни шундай тушуниш мумкинки, бу одам сиз учун алоҳида яратилган, у бошқа одам билан бир бутун бўлиши жуда қийин. Лекин гап умр йўлдошингизни ўзингизга маъқул равишда ўзгартириш ҳақида кетмаяпти, балки у билан бирга Худога ўхшашга интилишингиз тўғрисида гап кетяпти. Худо эр-хотиннинг биргаликда руҳан ўсишига ёрдам беради. Худо уларга, бир бутун бўлинглар, аммо шу билан бирга, икковингиз шахсиятингизни сақлаб қолинглар,, қобилиятингизни ривожлантиринг, дея ёрдам беради. Оилада шахсиятни сиқиб қўядиган муҳит бўлиши керак эмас. Аксинча, оилада шундай муҳит бўлиши керакки, эр-хотин ўзларини тўлиқ намоён қилсинлар. Агар эр-хотиннинг муносабатлари Худонинг хоҳиш-иродасига мувофиқ қурилаётган бўлса, орзулар рўёбга чиқа бошлайди. Улар мақсадларига эриша бошлайди. Натижада ибодат туфайли ҳар биримиз умр йўлдошимизни назорат қилиш ўрнига, унга ишонишни ўрганамиз. Уни ҳукм қилиш ўрнига, қўллаб-қувватлаймиз. Итоатсизлик Худога маъқул эмас. Эр-хотинлик боғида ўсиши учун имкон топган худбинлик, ёлғон, нафрат, жирканиш ва шафқатсизлик меваларини кўриш Худога маъқул эмас. Агар жуфтимизга бўлган муносабатимиз Худонинг ниятига қарши борса, демак, биз нафақат Худонинг хоҳиш-иродасига қаршилик қиляпмиз, балки Унинг режаси амалга ошишига тўсқинлик қиляпмиз. Худодан, мен ва хотиним ўртамиздаги фарқни тушуниб олай, бир-биримизни тўлдираётганимизни кўра олишимизга мени ўргат, деб сўранг. Балки бирингиз бир соҳада заиф бўлсангиз, бирингиз кучлидирсиз? Бизни катта марҳаматга чорлаган нарса кўпинча ғашимизга тега бошлайди. Чунки биз Худодан, вазиятни Ўзинг кўргандек кўришни бизга ўргат, деб сўраймиз. Балки хотинингизнинг сўзлари, хатти-ҳаракатлари жиғингизга тегаётгандир? Бунинг учун Худодан сўранг, у сизга нима тўғрисида ибодат қилишни кўрсатади. Одатда одамлар бирга яшашни истамаганлари учун ажралишмайди, аксинча, ниманидир ўзгартириш имкониятига ишонмаганлари учун ажралишади. Худодан, ҳар биримиз учун нима ўзгариши керак бўлса, шуни ўзгартир, деб сўранг. Ҳатто сизга оилангизга ўнглаб бўлмас зиён етказилганидек, хотинингиздан умид қилиб бўлмагандек туюлса ҳам, шуни ёдингизда тутингки, Худо вазиятни яхши томонга ўзгартиришни истайди. Агар биз ўзимизни камтарона тутсак, Худони кучли севганимиз учун фақат Унинг йўлларидан юришни истасак, Худо қандай мўъжизаларни кўрсата олишга қодир эканлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз (қаранг: 1 Кор. 2:9). Бундай итоаткорлик оиладан бошқа ҳеч қаерда бунчалик ёрқин намоён бўлолмайди. Сиз ибодат қилиб, Худонинг нури ҳаётингизга кириб келишига, эр-хотинлик муносабатларингиз боғини ёритиб, жонлантиришига имкон берасиз. Шунда бу боғ янги ўсимликлар ўстириб, гуллаб, хушбўй ҳидлар таратиб, ҳар иккингиз учун мўл ҳосил бера бошлайди. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Оилангиз учун кўуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Сизнинг бир-бирингизга севгингиз кучайиши учун; • ҳар иккингиз васвасага сабр-тоқат билан бардош бера олишингиз учун; • бир-бирингизни ҳурмат қилишингиз учун; • доимо бир бутун бўлиб яшашингиз учун; • сизлар ҳам дўст, ҳам севикли ёр бўла олишингиз учун; • сизлар доимо бир гуруҳ бўлишингиз учун; • ажралиш ҳақида фикр ҳеч қачон ҳатто хаёлингизга ҳам келмаслиги учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди. «Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир» (Воиз 4:12). Бу оят менга ҳам, Стормига ҳам эр-хотинлик ҳаётимиздаги мушкул вақтларда доимо «самовий манна»дек бўлди. Бизнинг можароларимиз ҳар гал рўзғор икир-чикирларидан келиб чиқаётгандек туюларди. Аммо душман учта ипдан эшилган арқондек оиламизни бузишга бор кучини сарфларди, Кутилмаганда жанжал пайдо бўларди. Аммо бизнинг биргаликдаги ибодатимиз ҳақида бундай деб бўлмайди. Унга етишиш учун қанча ғовларни енгишимизга тўғри келган! Ибодат кундалик тартиб-қоидаларимиздан бош тортишимизни, Худога Ўз иродасини ўрнатишига йўл қўйишимизни талаб қилади. Ибодатимда: «Сторми ўзгариши керак», деб айтардим. Аммо ўзимга ёқадиган бундай ибодат мени кўп марта чалғитган. Бунинг устига, мен унга ёқишим учун ўзим қандай ўзгаришим кераклигини ўйлардим. Бундай ҳолда «ўзлигим» шунчалик ларзага келардики! Лекин бизнинг ибодатларимиз туфайли ўзгаришлар рўй берарди. Биз нимагадир эришардик. Мана бугун бизнинг оила қурганимизга 28 йил бўлди. Хотинимнинг ўрнида Стормидан бошқа ҳеч кимни тасаввур қилолмайман. Бизнинг муаммоларимиз Худога биргаликда ибодат қилганимиздагина ҳал бўлади. Учта ипдан эшилган арқонни чиндан узиш қийин. Ибодат Эй Раббим! Сендан сўрайман: мени ва хотинимни узилмас, мустаҳкам ип билан бирлаштир. Менга хотинимни шунчалик кучли севишни ўргатгинки, токи у доимо менинг севгимни ҳис қилсин. Бир-биримизни ҳурмат қилишга, бир-биримиздан завқ олиб, доимо бир-биримизга яқин дўст, ҳимоячи ва мустаҳкам таянч бўлишимизга бизни ўргат. Ранж ва умидсизликларимизнинг қурбони бўлган, йўқолган, дарз кетган севгимизни тикла, уни қалбимизга қайтар. Биримиз бошқамизни севмаган тақдирда ҳам, оиламизда бор бўлган барча яхши нарсаларни эслашимизга куч бер. Биз бир-биримизни тезлик билан, бутунлай кечиришимизга бизни ўргат. Айниқса, мен Сендан (кечирилиши зарур бўлган ҳаётингиздаги нарсаларни айтинг) ни сўрайман. Биз Сенинг қуйидаги аҳдингни ёдда тутишимизга ёрдам бер: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар… бир-бирларингизни кечиринглар» (Эфес. 4:32), яъни Сен бизга қандай муносабатда бўлсанг, биз ҳам бир-биримизга шундай муносабатда бўлайлик. Бунинг учун бизга ёрдам бер. Ҳар биримиз бошқамизнинг хатоларимизни, заифлигимизни сезмайлик. Бунинг учун ҳам ёрдам бер. Бизга ҳаётнинг оғир дақиқаларида жуда муҳим бўлган ҳазил-мутойиба ҳиссини ато қил. Шундай қилгинки, биз доимо бир хил қонун бўйича яшайлик, доимо ҳар нарсада бир-биримизга ишонайлик, бир руҳда, бир фикрда бўлайлик, муроса қила олайлик. Маблағ, болалар тарбияси, бўш вақтни қандай ўтказиш ва бошқа муҳим қарорлар қабул қилишда дарров келиша қолайлик. Баҳс ва низо туғилган ҳолда Сендан илтимос қиламан: бизни яраштир, биз ҳар қандай баҳсли масалада бир фикрга келишимиз учун ёрдам бер. Мақсадларимизни Сенинг режангга мувофиқ тўғрилашимизга ўргат бизни. Бир-биримизга рост гапиришга, самимий бўлишимизга ўргатгин, токи ўртамизда заррача ҳам тушунмовчиликка ўрин бўлмасин. Сенинг иноятинг билан биз сабр-қаноатга, бир-биримизнинг камчиликларимизни тушунишга ўрганайлик. Айни пайтда ҳар биримиз ўзгаришга интилайлик. Мен яна шу учун ибодат қиламанки, хотиним икковимиз доимо бирга яшайлик, бир хил қизиқиш билан ҳаётда битта йўлдан борайлик. Бизнинг оиламиз ҳар иккимиз учун бахт, тинчлик ва шодлик манбаи бўлсин. Бир-биримиз учун вақт топишимиз муҳимлигини бизга тез-тез эслатиб тур. Эй Раббим! Сендан яна сўрайман: иттифоқимизни бузиши мумкин бўлган ҳамма нарсадан бизни ҳимоя қил. Бизни васвасага солишга ҳаракат қилаётган ҳар бир кимсадан халос қил. Биз васвасани ўша заҳоти фарқлай билиб, у билан курашишга ўргат. Шундай қилгинки, ўтмишдаги бирон нарса бизнинг бугунги муносабатларимизга соя солмасин. Ҳар биримиздаги Сенга номаъқул бўлган муносабатларимизни узиб ташла. Оиламизда зинога, ажралишга ҳеч қачон ўрин бўлмасин. Сен хоҳишинг билан яратганингни ҳеч нарса буза олмасин. Эй Раббим, омадсизликларга қарамасдан оиламизни сақлаб қолишимизга ёрдам бер; доимо доимо Ўзингга — Яратувчимизга мурожаат қилишимизга бизни ўргат, муносабатларимиз мустаҳкамланиши, муносабатларимиз Сен ўйлагандек бўлиши учун бизни ибодат қилишга ўргат. Бизни, биринчи навбатда, Ўзинг амр берганингдек, «ўзганинг манфаатини кўзлашга» ўргат (қаранг: 1 Кор. 10:24). Оиламиз марказида Сен туришингни истаймиз. Фақат Сен берган нарсани бир-биримиздан олиб қўйишга умид қилмаймиз. Хом хаёллардан қутулиб, бир-биримизни ҳақиқий нурда кўришимиз учун ёрдам бер. Бизнинг оиламиз айнан Сен ўйлагандай бўлиши учун доимо Сенга бағишланган бир-биримизга содиқ бўлайлик. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди. Воиз 4:9–10 Агар ер юзида сиздан икки киши якдил бўлиб, қандайдир бир нарсани сўрашса, Менинг осмондаги Отам уларнинг тилагини бажаради. Матто 18:19 Бирортаси хотинидан ажралиб, бошқасига уйланганда, зино қилган бўлади. Агар хотин эридан ажралиб, бошқасига эрга тегса, ўша аёл ҳам зино қилган бўлади. Марк 10:11–12 Ўз руҳингизни асранг ва ҳеч ким ёшлигидаги хотинига қарши бевафолик қилмасин. Мал. 2:15 Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар. Рим. 12:10 7-БОБ. УНИНГ ЭРИГА ИТОАТКОРЛИГИ Итоат этмоқ — бу феъл, холос. Итоаткорлик — бу ихтиёрий равишда бажариладиган ҳаракат. Буни бажаришга одамни мажбур қилиш мумкин эмас. Кимдир бизни севишига мажбур қила олмаганидек, кимнидир, бизга итоат этасан, деб мажбур қилиш ҳам мумкин эмас. Албатта, биронтасини ўзимизга итоат эттириш учун куч ишлатишимиз мумкин. Лекин бу ҳақиқий итоаткорлик бўлмайди. Итоаткорлик деганда, ўзимиз танлайдиган қарор назарда тутиляпти. Бу қарорни ҳар биримиз қабул қилишимиз керак, бу қарор юрагимиздан чиқиши керак. Агар биз бўйсунишимиз керак бўлган Зотга итоаткорлигимиз юракдан чиқмаётган бўлса, демак, биз ҳали итоат этмаяпмиз. Менинг сўровимда иштирок этган кўп аёллар, ўзларининг кўнгил орзулари — эрларига қандай итоат этганлари тўғрисидаги янгиликни эшитсангиз, сиз ҳайратга тушсангиз керак. Улар эрларини оила боши сифатида кўришни истайдилар. Оилада Худо тарафидан эркакка ато қилинган бошчиликни улар қўлларига умуман олмоқчи эмаслар. Аёллар шуни биладики, Муқаддас Китобда доно аёллар доимо Худога маъқул бўлган ишлар қилишни истайдилар. Чунки Худонинг йўллари эътирозга ўрин қолдирмайдиган афзалликларга эга эканини улар тушунадилар. Бироқ бунда муаммо юзага келади. Аёллар эрларига итоат этишдан қўрқадилар. Бу қуйидаги икки сабабга кўра рўй беради: • 1-сабаб: эр учун итоат этиш сўзи у қурол сифатида фойдаланадиган одатий сўздир. • 2-сабаб: эр ҳали ўзини Худога бутунлай итоат эттиришга қарор қилгани йўқ. Яхши, яхши, мен шуни ҳам биламанки, Худо хотинга, ўзингга лойиқ бўлган эринггагина итоат қил, деб амр этмаган. Итоат этиш дегани — биринчи навбатда одамга эмас, Худога ишониш деганидир. Агар аёл эри Худога итоат этишга қарор қилганини билса, у, эримга итоат этаман, деб қарор қилса, у хотиржамликка эришишишинг аломати бўлади. Бу ерда энг асосийси — эри билан тўғри муносабат ўрнатишга ёрдам беришидир, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам хотинни бунга мажбур этиш керак эмас. Агар эрнинг аёлга муносабати бу ҳақда гувоҳлик бермас экан, эр Худога итоат этаётганига аёл ишониши қийин. Аёллар: «Эй хотинлар, эрларингизга бўйсунинглар» (Эфес. 5:25) ояти келишини ҳам биладилар. Масиҳ Ўз Жамоатидан юз ўгирмайди, менсимаслик муносабатида бўлмайди, Жамоатини ерга урмайди. У ҳеч қачон Жамоатига нисбатан киборларча ёки совуққон бўлмайди. У Жамоатини танқид қилмайди ва у ҳақда менсимай гапирмайди. Жамоатини ҳамма зарур нарсалар билан таъминлайди, у ҳақда ғамхўрлик қилади, уни севади, ҳимоя қилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Худо хотин билан муносабатларда эрга бошқарувчилик ролини ишониб топширади. Айни пайтда Худо эрдан, ўзингни назр қилиб, маълум баҳони тўла, деб талаб ҳам қилади. Кўп аёлларни бир савол қийнайди: «Агар мен эримга итоат этишга рози бўлсам, унинг олдида паст кетган бўлмайманми? Менга нисбатан унинг ҳурмати йўқолмайдими?» Бунга жавоб шуки, Масиҳ Ўз Жамоатини севгандай, эр ҳам хотинини севиб, Худонинг амрини бажаряптими ёки у учун «итоаткорлик» сўзи эрнинг нимагадир ҳақи борлигини англатадиган одатий сўз бўлиб қоляптими? Бошқача айтганда, эр ўз эҳтиёжларини хотинникидан устун қўйяптими? Агар аёлнинг манфаати эри учун қимматли эканига, биргаликдаги ҳаётларини бошқаришда аёл буларга эътибор бериши лозимлигига шубҳа билан қарар экан, у ҳаёти жиловини эрининг қўлларига топшириши мушкул. Агар эр хотинининг фикрларига, ҳис-туйғуларига ва қарашларига бефарқ бўлса, аёл итоаткорлик тўғрисида ўйлаши мушкул. Агар ўтмишда ишонган эркакдан аёлнинг кўнгли қолган бўлсаю у бу аламни бошидан кечирган бўлса, энди аёлнинг эрига итоат этиши тамомила мушкул бўлади. Бироқ сизни шунга ишонтиришни истар эдимки, аёл киши Масиҳ Жамоатини севгандек севадиган эркак учун ҳамма нарсага тайёр. Бундай шароитда эркакка итоат этиш осон. Мен шундай аёллар билан танишман: уларнинг эрлари имонли эмас, аммо улар Масиҳга ишонишмаса-да, ўша эркакларнинг ҳар бири хотинини айнан Масиҳ Ўз Жамоатини севгандек севгани туфайли хотинлар эрларига итоат этишга тайёр. Одамлар кўпинча бир-бирига ўхшаш деб айтиш мумкин бўлмаган тобе бўлиш ва «итоат этиш» тушунчаларини адаштирадилар. Муқаддас Китобдаги «бошқаларга тобе бўлиш» амри фақат фарзандларга ва қулларга ҳамда маҳаллий жамоатнинг ўзаро ички муносабатларига тааллуқли. Муқаддас Китоб шундай амр беради: «Эй фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар, чунки бу Раббимизга маъқулдир» (Эфес. 6:1). «Эй қуллар, дунёвий хўжайинларингизга, Масиҳга итоат қилганингиздек, камоли эҳтиром ва соддадиллик билан тобе бўлинглар» (Эфес. 6:5). «Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар. Бу ишни эса оҳу нола билан эмас, балки севинч билан бажо келтирсинлар. Агар буни оҳу нола билан қилсалар, сизларга фойда бўлмайди» (Ибр. 13:17). Хотин ўз эрининг на фарзанди, на қули экан, айни пайтда маҳаллий жамоат эр-хотинлик иттифоқининг бир қисми эмас экан, «тобе бўлиш» сўзининг оилага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Хотинидан тобеликни талаб қилган эр бундай қилиши мумкин эмаслигини тушуниб етмайди. Бундай талаб аёлни хўрлайди, ҳуқуқларини поймол қилади. Бу талаб фақат аёлда қатъий норозиликни келтириб чиқаради. Агар эрни, хотиним фақат менга итоат этиши керак, деб ўйласаю аммо ўзи Худога итоат этишни ўйламаса, у ҳолда, менга итоат этасан, деган талаб хафагарчилик, оилани барбод қилиш қуролига айланади. Ҳаётимда шундай воқеаларни ҳам кўрганман: имонда кучли бўлган эр-хотинлик иттифоқи, ҳатто масиҳий қавмбошиларида ҳам парчаланган, иш охири ажралиш билан тугаган. Эрлар фақат ўз хотинларидан, менга итоат этасан, деб талаб қилиб, сўзлари, жисмонан мажбурлаганлари сабабли бу парчаланиш юз берган. Менинг эрим: «Ўзимнинг ҳақлигимни ҳимоя қиламан, деган принципиаллик билан оилангни йўқотасан, бу сен учун катта тўлов бўлади», деб эрим тушунишни истамаган эркакларга маслаҳатлар берган. Агар эр Худонинг қудратли қўли остида ўзини камтар тутишга қарор қилса, хотинининг ҳаётида керакли тартиб ўрнатилиши учун ибодат қила бошласа, ҳамма нарса осонлашган бўларди. Ҳозирги вақтда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Агар биз Худога итоат этсак, У бизнинг шахсиятимизни оёқ ости қилмайди. У бизни қандай яратган бўлса, шундай бўлишимиз учун, Унинг ҳимояси остида бўлишимиз учун бизни озод қилади. Хотин ҳам эрига итоат этиб, унинг ҳимояси остида бўлади. Худо уни қандай яратган бўлса, шундай аёл бўлиш учун гуллаб-яшнайди. Менга ишонаверинг, агар хотинингиз сизга итоат этишга рози бўлса, сизга яхшироқ бўлади. Зотан, Худонинг ҳамма ажойиб инъомлари қаторида сизга ҳам ажойиб марҳаматлар ёғилади. Агар хотинингиз итоатсизликда умр кечираётган бўлса, хотинимнинг қалби аввал Худонинг олдида камтар бўлсин, деб ибодат қилинг. Кейин менинг олдимда Худодан: «Менинг хотинимни қандай севсанг, уни мен ҳам шундай сева олишимга ёрдам бер», деб сўранг. Мен сизга кафолат бераманки, хотинингиз итоатсизлигининг эгри чизиғи уни ўраб олган сизнинг беминнат севгингизнинг ўсишига мос равишда кўтарилиб боради. Сиз Худонинг бошқарувини сўраётганингизни хотинингиз билсин. Агар хотинингиз Худонинг йўлларини излаётганингизни кўрса, у сизнинг ортингиздан қаерда бўлса ҳам боради. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, қуйидагилар учун ибодат қилинг: • Хотинингиз итоат этишнинг маъносини тушуниши учун; • У сизга Худога маъқул равишда бўйсунишни ўрганиши учун; • Сиз ўз ҳаётингизни Худога бўйсундиришингиз учун; • Худо сизни бошқараётган экан, хотинингиз Худога ишониши учун; • Сиз руҳий қавмбоши вазифасини зиммангизга олишингиз учун; • Хотинингиз сизга оиланинг боши бўлишини ишониб топшириши учун; • Эрингиз сиздан итоат этишни талаб қилганда, оилангиздаги низога сабаб бўлмаслиги учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартида сўзлайди Отам идиш ювишда, кир ювишда, ўрин тўғрилашда ва овқат тайёрлашда онамга ёрдам берганини ёшлиқ чоғларимданоқ эслайман. Кундузи у ишларди, лекин бу билан оиладаги вазифаларни аниқ тақсимлаш учун баҳона сифатида фойдаланмас эди. Шу сабабли менинг тасаввуримда отам қиёфасида хотинини ҳурмат қиладиган эркак гавдаланарди. Отам менга эр-хотиннинг фақат биттаси эмас, ҳар иккаласи ҳам камтар бўлиши кераклигини кўрсатди. Ҳам эр, ҳам хотин бир-бирининг равнақи учун ниманидир қурбон қилишлари керак. Мен шуни биламанки, камтарлик концепциясини эркаклар кўп марта суиистеъмол қилишган. Бу масалада эркаклар ўта шафқатсизлик билан ўрин эгаллашган. Аёллар эса бунга сафларини жипслаштириш билан ва адолатли эътироз билан жавоб қайтарганлар. Севги, хайрихоҳлик ва ибодат ҳукмронлик қилган жойда итоаткорликка жой бор. Биз, эркаклар, фақатгина эркак бўлганимиз учун берилган қандайдир махсус куч ғоясига маҳкам ёпишиб олганимиз сабабли, бу соҳада муваффақиятсизликка учрадик. Биз бу кучдан фойдаланиб, хотинларимизнинг хўжайини бўлишни истаймиз. Ҳа, Худо бизга куч ато қилган. Аммо У биз билан хотинларимизни тенг ҳуқуқлари қилиб яратган. Бизни хотинларимиз билан бир тана бўлишга мўлжаллаган. Агар мен хотиним устидан ҳукмронлик ўрнатишга тиришсам, мен ўзимга ўзим қарши борган бўлар эдим. Сизларга шуни эслатиб қўяй: ибодат — ҳуқуқларни тенглаштириб қўйиш воситаси. Хотиним билан мен Худонинг олдида ҳам, бир-биримизнинг олдимизда ҳам доимо тўғри бўлайлик, деб ибодат қиламан. Ибодат Эй Раббим! Бугун мен ўзимни Сенга итоат эттираман. Мен оиламни бошқара олишим учун мени бошқар. Мени шунга ўргатгинки, ҳамма қарорларни Сенинг ваҳийларинг ва Сенинг бошқарувингга асосланган ҳолда қабул қилай. Мен оила боши сифатида Сенга итоат этар эканман, мени Сен бошқараётганингга хотиним ишонишига ёрдам бер. Ҳар иккимизга ҳам Сен кўришни истаган итоаткорликнинг маъносини очиб бер. Сен мени Ўзингга маъқул оила бошлиғи қил. Бизга мунозарали масалаларда муросага келишимизда, уларни тўғри ҳал қилишимизда ёрдам бер. Менда фаолият кўрсатаётган Сенинг Муқаддас Руҳингга хотиним бутунлай ишониши учун ҳаётимни Сенга батамом ишониб топширишга мени ўргат. Бунинг мукофотига унинг ҳурмати ва севгисини қабул қилай, бунинг учун хотинимни Сен мени севгандай севишимга ўргат. Хотиним менга оиламиздаги руҳий раҳбарлик вазифасини топшириши учун унга бўлган камтар юрак, имон бер. Шу билан «Масиҳни ҳурматлаб, бир-биримизга бўйсунишимиз»га ўргат (Эфес. 5:21). Мен биламан, Раббим, мувофиқликка эришишимиз учун фақат сен ёрдам бера оласан. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Эй хотинлар, сиз Раббингизга қандай бўйсунсаларингиз, эрларингизга шундай бўйсунинглар. Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эркак ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз баданининг, яъни умматининг Халоскоридир. Масиҳнинг уммати Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар нарсада ўз эрларига шундай тобе бўладилар. Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар. Масиҳ имонлилар жамоатини муқаддас қилай, деб уларни сув билан ювди ва Ўз каломи орқали тозалади, токи устида бирон ғубор, ажин ёки доғи қолмаган, муқаддас, бенуқсон, камоли чиройли бир жамоатни Ўз ҳузурига элтиб қўйсин. Эфес. 5:22–27 Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини йўқотган эса жон топади. Матто 10:39 Ўзаро ҳамфикр бўлинглар… Рим. 12:16 8-БОБ. УНИНГ ОДАМЛАР БИЛАН МУНОСАБАТИ Аёллар бир-бирлари билан яқин, дўстона муносабатга муҳтождирлар. Аёлларнинг дугонаси кўп бўлиши шарт эмас — сифат миқдордан муҳимроқ. Дўстларни тўғри танлай билиш керак — буниси муҳим. Хотинингиздан фойдаланиб, уни камситишни истайдиган, унга ҳасад қилиб, аслида уни севмайдиган, унинг орқасидан ғийбат қиладиган, сиз билан яқинлашишга интиладиган ёки шунчаки бошқаларга боғлиқ бўлганларидан ўзида аянчли кўринишни касб этадиган заиф дугоналарнинг кераги йўқ. Хотинингизга шундай дугоналар керакки, улар хотинингизнинг руҳий ўсишига ёрдам берсин, унинг ҳаётини бойитсин, ўзлари ҳам у билан мулоқот қилиб бойисин. Хотинингизга шундай дугоналар керакки, ўша дугоналари садоқатли, фидойи бўлсин, хотинингиз билан суҳбатлашишга доим тайёр бўлсин, ибодат қилсин, унга ёрдамга келишга тайёр бўлсин. Хотинингизга яна сиз учун қизиғи йўқ, ўзи учун эса муҳим мавзуларни муҳокама қилиб оладиган дугоналар керак. Унга ёрдам қўлини чўзишга қодир, унинг ҳаётини безаб турадиган, у тўғри йўлда маҳкам туришига ёрдам берадиган, хотинингизни ўзлари учун намуна қилиб оладиган дугоналар керак.Бундай аёллар хотинингизнинг руҳан ўсишига ёрдам беради, охир-оқибат сизларнинг муносабатларингизга ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун хотинингиз яхши, ҳимматли дугоналари бўлиши тўғрисидаги ибодатингизга муҳтож. Сизнинг оилангиз аъзолари билан хотинингизнинг муносабатлари ҳам катта аҳамиятга эга. Шунинг учун хотиним оилам аъзолари билан дўстлашсин, деб ибодат қилишингиз керак. Чунончи, барча одамларнинг кўнгли нозик бўлгани туфайли, турли хил омиллар икки томоннинг муносабатларига таъсир ўтказиб, уларга зарар етказиши мумкин. Оила аъзолари эса кўпинча ўтмишдаги аламларини эсда тутиб, ишни мураккаблаштирадилар. Эр ёки хотиннинг қариндошлари билан мулоқот махсус назокат талаб қилади. Шу боис қариндошларингиз билан хотинингизнинг муносабатлари доимо ҳам бекаму кўст эмас. Аслини олганда, уларнинг орасидаги муносабатлар кўп ҳолда сизга боғлиқ. Қуйидаги саволларга жавобларингиз нималар тўғрисида ибодат қилишингизни кўрсатиб беради. 1. Оилангиз аъзолари сиз танлаган инсонни қабул қиляптиларми ёки уларнинг ҳаммаси ҳали ҳам, унинг ақли кириб қолар, ўшанда бизнинг маслаҳатимиз бўйича хотин танлайди, деб умид қилишяптими? 2. Қариндошларингиз даврасида хотинингиз тўғрисида яхши фикр билдирасизми? Унинг яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қиласизми? 3. Яқинларингизга хотинингиз устидан шикоят қиласизми? Улар хотинингизни танқид қилганда, сиз қариндошларингиз ёнини оласизми? 4. Қариндошларингиз хотинингизга Худо тарафидан юборилган марҳамат сифатида қарайдиларми? Хотинингиз қиёфасида Худонинг инъомини, ажойиб шахсни кўрадиларми? 5. Яқинларингиз сизнинг оила қурганингизни ўзларининг тинчлигига хавф соладиган сабр-тоқат синови, хато, сиз кўтариб юришингизга тўғри келадиган хоч, деб ҳисоблайдиларми? Сиз танлаган инсонни «томоққа тиқилган суяк» деб атайдиларми? 6. Оилангиз хотинингизни қучоқларини кенг очиб қабул қиладими ёки улар хотинингиздан ўзларини четга оладиларми? 7. Хотинингиз сизга, қариндошларингизнинг менга муносабатларидан норозиман, деб айтганми? Худодан, хотинимнинг оиламдагилар билан муносабатларини менга очиб бер, деб сўранг. Хотинингиздан: «Сенинг менга муносабатинг самимий, менга қариндошларим билан муносабатларингни гапириб бер, ўзингни уларнинг орасида қандай ҳис қиласан, айт-чи менга», деб илтимос қилинг. Кўп аёллар, эримнинг қариндошлари мени ҳечам қабул қилмайди, деб йиллаб азоб чекадилар. Кўп эркаклар, хотиним ўзини қариндошларим орасида қандай ҳис қиляпти, деб асло қизиқмайди, ҳамма айбни хотинига юклайди. Агар хотинингизнинг қандайдир муаммоси бўлса, ўзингизни четга олиб қочишга ҳаракат қилманг, бу муаммонинг ҳал бўлиши учун ибодат қилинг. Худодан, юз берган вазият ҳақида ҳамма ҳақиқатни кўрсат, деб сўранг. Баъзида сабаб ҳамма одамлар ҳар хиллигида бўлади, улар бир-бирларини тушунишлари қийин. Хотинингиз, одамлар мени яхши кўрсин, деб уларни мажбур қилолмайди. Аммо сиз вазиятни ўзгартириш учун яқинларингиз билан суҳбатлашиб кўришингиз мумкин. Бироқ аввалига бу ҳақда ибодат қилинг. Хотинингизни ўз оилангизга олиб кирар экансиз, хотин эрнинг оила аъзоларига маъқул бўлиши учун ибодат қилиш вазифасини эр ўз бўйнига олади. Эр хотинни севиб қолгани учун эрнинг қариндошлари ҳам хотинни севиб қолади, деган маъно келиб чиқмайди. Эр-хотин дўстлари ва қариндошлари билан яхши муносабатларидан ташқари, камида икки-уч эр-хотин билан мулоқотда бўлишга муҳтождир. Бироқ ҳар иккингизга ҳам ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган эр-хотинларни топиб мулоқот қилиш осон эмас. Мақсадга етишиш учун кўп ҳаракат қилиш керак. Лекин нима бўлганда ҳам, бундай эр-хотинлар сизларнинг ҳаётларингизга кириб келиши учун ибодат қилсангиз арзийди. Агар улар бор бўлса, ўртангиздаги дўстлик алоқалари мустҳкамланиши учун ибодат қилинг. Муқаддас Китоб «имонсизлар билан нораво шериклик қилмаслигимиз»ни таъкидлайди (қаранг: 2 Кор. 6:14). Бу дегани — сизнинг имонсиз дўстларингиз бўлмаслиги керак, деган эмас. Бу дегани — сизга фақат ижобий таъсир ўтказадиган муносабатларни ва Худонинг йўлидан юришга интилган одамлар билан муносабатларни қўллаб-қувватлаш керак, деганидир. Ҳар биримиз масиҳийлардан ҳам кўра қўпроқ масиҳийларга ўхшаш имонсиз одамларни биламиз. Шунинг учун Худодан, бизга салбий таъсир ўтказаётган одамларни ҳаётимиздан узоқлаштир, деб сўрашимиз керак. КЕЧИРИМЛИ БЎЛМОҚ ЗАРУР Ҳар қандай одам билан муносабат ўрнатишда энг муҳими — кечиримли бўлишдир. Ҳамонки хафа бўлиш учун доимо баҳона топиш мумкин экан, кечиримни ўрганиш жуда муҳим. Агар биз хафагарчиликларни унутишни ўргансак, қалбимда сақланиб келаётган алам исталган вақтда ташқарига отилиб чиқиши мумкин. Бу эса одамлар билан муносабатимизга таъсир қилади. Масалан, тушлик қилаётган вақтда стол атрофида бошқа эр-хотинлар даврасида ўтиришингизга, эр-хотинлар бир-бирларига танбеҳ беришларини эшитишингизга тўғри келганми? Бундай пайтда барча меҳмонлар ўзини ноқулай сезади. Стол атрофида ўтирганларнинг баъзилари вақтичоғ кайфиятда бўлганларига қарамасдан, яширинча соатига қараб, гуруҳни тарк этиш учун баҳона қидира бошлайдилар. Хаёлан бу эр-хотинни кейинги кечага таклиф қиладиганлар рўйхатидан ўчириб ташлайдилар. Ҳатто танқид ҳазил айтилган бўлса ҳам, даврадагилар тасодифан бошқа одам камситилганига гувоҳ бўлганларидан ўзларини ноқулай сеза бошлайдилар. Эр-хотиннинг бир-бирига қилган шикояти қанчалик асосли бўлмасин, бу хилдаги хатти-ҳаракат фақатгина атрофдагиларда салбий таассурот қолдиради. Айтилган сўзлар ачинарли оқибатларга олиб келишини ҳамма тушунади. Масалан, хафа қилган одам жинсий алоқа қилишни истаб қолса, у рад жавобини эшитади. Бундай ҳолатлар кечирим деган сўз бўлмаслиги ҳақида гувоҳлик беради. Кечира олмайдиган одам атрофидаги ҳамма одамларга таъсир ўтказади. Эр-хотинлар бир-бирини кечира олмаса, бир-бирини ҳурмат қилмаса, фақат улар азоб чекиб қолмайди, балки уларнинг фарзандлари, қариндошлари, дўстлари, ҳамкасблари ва улар мулоқотда бўлган ҳамма ёр-биродарлари азоб чекади. Агар инсон юрагида алам яшаса, атрофдагилар ишнинг моҳиятини билмай туриб буни сезадилар. Агар хотинингиз кимдандир хафа бўлса, у ўша одамни кечирсин, деб ибодат қилинг. Акс ҳолда хотининг бошқа одамлар билан муносабат қилганда, бу аҳвол ўз аксини топади ва Раббимиз уни қандай кўрса, шундай бўлишга ҳалақит беради. АЁЛЛАРНИНГ МУҲТОЖЛИГИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Масиҳий аёллар билан дўстлашиши учун; • Оила аъзоларининг барчаси билан тил топиша олиши учун; • Қариндошларингиз назарида маъқул одамлар бўлиши учун; • Бутун дунёган нисбатан аламни юрагида сақламаслиги учун; • Ўтмишнинг азобли хотираларидан халос бўлиши учун; • Бошқаларни кечира олиши учун; • Ўзини хафа қилган одамлар билан ярашиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИГИ Ингливуддаги (Калифорния штати) Марказий Муқаддас жамоатининг катта қавмбошиси Епископ (жамоат нозири) К. Улмер сўзлайди. У хотини Тогетта билан оила қурганларига 24 йил бўлди. Учта фарзанди бор. Ибодатларимнинг асосий мавзуси доимо хотиним Тогетта билан биринчи оиламдан бўлган фарзандларим билан муносабатларни яхшилаш бўлган. Тогеттага уйланганимга 24 йил бўлди. Бу йиллар мобайнида Худо оиламизда шунчалик ишладики, Худо биз билан ўйлаганимиздан, сўраганимиздан ҳам кўпроқ қобилият ато қилганига гувоҳ бўлдим. Худо хотиним билан қизларимнинг муносабатларида ажойиб тарзда ишлади. Биз Тогетта билан турмуш қурганимизда қизларимиздан бири беш ёшда, кичиги уч ёшда эди. Мен шуни бошидаёқ англаб етдимки, аввалги ҳаётим билан Худонинг марҳамати туфайли менга насиб бўлган иккинчи оила қуришга имконияти орасидаги нозик алоқани мустаҳкамлаш учун, бизга Худонинг бошқаруви ва мадади зарур экан. Оила қурганимиздан кейин биринчи кунлардаёқ мен, Тогетта қизларимга яхши она бўлсин, деб ибодат қила бошладим. Худо улар орасида ҳақиқатгўйлик, бир-бирини англаш, сабр-тоқат ва ҳурматга тўла муносабат ўрнатганига гувоҳ бўлдим. Бундай муносабатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмас эди. Бугун менинг қизларимнинг бири 29 да, бири 27 да. Улар Тогеттани чинакамига ҳурмат қиладилар, яхши кўрадилар. Иккови ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган. Худо қизларимни Тогетта билан яқинлаштирганига гувоҳ бўлдим, яъни Худо Ўз ишини бажарди. Раббим дунёда биз учун севимли бўлган ўғилни сақлаб олишимизга ҳам имкон берди. Ҳозир у 14 ёшда. Мен уни жуда яхши кўраман, у менга доимо катта шодлик бағишлайди. Фарзандларим нажот топганлари, улар Худони севганлари учун Ундан миннатдорман. Биз биргаликда қийин пайтларни бошдан кечирдик, Раббимиз хонадонимизни, оиламизни сақласин, деб бирга ибодат қилдик. Бир тарафдан биз оддийгина қавмбоши оиласини намоён қиламиз, бошқа тарафдан эса Худойимиз улуғворлиги билан бизга шифо беришига, муносабатларимизни мустҳкамлашга қодир бўлганини, Унинг ажойиб ишларига гувоҳларни ўзимизда намоён қиламиз. Яна мен Худодан, хотинимнинг ишончини қозона оладиган бир неча масиҳий аёлларни юбор, деб ибодат қилдим. Мен қавмбошиларнинг хотини кўпинча ёлғиз бўлишларини пайқадим. Чунки уларнинг қалбини очиб гапирадиган содиқ, яқин дугоналари йўқ. Уларнинг ишонадиган дугоналари йўқ. Мен хотинимни яхши кўриб қоладиган, у билан бирга ибодат қиладиган, доимо уни ҳимоя қила оладиган аёллар топилиши учун ибодат қилдим. Хотинимга ато қилган дугоналар учун Худодан миннатдорман. Хотиним билан бозорга бирга борадиган дугоналари учун ҳам Худодан миннатдорман. Улар билан мулоқот хотинимга завқ бағишлайди. Хотиним одамлар билан яхши муносабат ўрнатиши тўғрисида қилган ибодатларимга садоқатли Раббимиз доимо жавоб бериб келган. Ибодат Эй Раббим! Хотиним (хотинингизнинг исми) имонли, меҳрибон дугоналари бўлиши учун ибодат қиламан. Улар билан мулоқот хотинимга куч бағишласин. Шундай қилгинки, хотиним доимо дугоналарининг ибодат билан қўллаб-қувватлаб туришига умид қилсин. Унинг ҳаётини яхши самара бермайдиган ҳар қандай нарсалардан халос қил. Мен яна хотиним билан оиламнинг барча аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат муносабатларини ўрнатишингини Сендан сўрайман. Сенинг севгига, ҳамжиҳатликка тўла Руҳинг ҳар бирининг қалбида ҳукмронлик қилсин. Бизнинг қариндошларимиз билан муносабатимизда ҳар қандай можаро ҳал бўлсин, ноқулай вазият барҳам топсин, деб ибодат қиламан. Мен вазиятни яхши томонга ўзгартиришим учун нима қилишим кераклигини, нимани гапиришим кераклигини менга кўрсат. Мен яна хотинимнинг (дўсти ёки оила аъзоси исми) билан муносабати яхшиланиши ва мустаҳкамланиши учун ибодат қиламан. Адоватда бўлган томонларни яраштир, барбод бўлган дўстликни тикла. Эй Раббим, Сендан илтимос қиламан: шундай қилгинки, хотиним кечиришни ўргансин. Ҳатто ҳозир унда бундай истак бўлмаса-да, Сенга итоат қилиши учун, у буни амалга ошириши учун ёрдам бер. Кечириш уни хафа қилган одамни оқламаслигини, бироқ хотинимни озод қилишини унга очиб бер. Агар хотинимнинг юрагида қандайдир олдинги аламлар яшаётган бўлса, у ўз гуноҳини Сенинг олдингда эътироф этсин, ўша гуноҳларидан халос бўлсин. Бунинг учун унга бу ҳақиқатни оч. Мен Сендан жуда илтимос қиламан: шундай қилгинки, хотиним ҳам, мен ҳам бир-биримизга бўлган хафагарчиликларни эсда сақламайлик. Бир-биримизни дарҳол ва бутунлай кечиришга бизни ўргат. Бутун ҳақиқат фақат Сенга маълум эканини доимо ёдимизда тутишимизга ёрдам бер.Шу боис биз ҳукм қилишга ҳаққимиз йўқ. Хотинимни оиласи, дўстлари, ҳамкасблари ва жамоати учун нур қилгин. У одамлар билан мулоқот қилганда, Сенинг исминг улуғлансин, эй Раббим. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади, фосиқ эса йўлдан адаштиради. Ҳикмат. 12:26 Ибодат қилиб турганингизда, бирортасига адоватингиз бўлса, кечириб юборинг, чунки осмондаги Отангиз сизнинг ҳам гуноҳингизни кечириб юборади. Марк 11:25 Фаҳм-фаросатли инсон доноликка қарайди, нодоннинг кўзи эса дунёнинг нарига четида. Ҳикмат. 18:24 Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар. Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар. Эфес. 4:31–32 Бошқаларни ҳукм қилманг, сизлар ҳам маҳкум бўлмайсиз. Бошқаларни айбламанг, сизлар ҳам айбдор бўлмайсиз. Бошқаларни кечиринг, сизлар ҳам кечириласиз. Лука 6:37 9-БОБ. УНИНГ УСТУВОРЛИКЛАРИ Хотинингиз доимо атрофдагиларнинг диққат-эътиборида бўлади. Кўпинча у, одамлар менга баҳо беряпти, шекилли, деб ўйлайди. Бу дунёнинг ёзилмаган қонуни шундай — хотинингиз ўз фарзандларининг хулқ-атворига, уларнинг мактабдаги муваффақиятларига, уларнинг келажакдаги ҳаётига жавобгар. Агар у жамоатда, мактабда, туманда ва жамиятда етарли даражада фаол бўлмаса, у албатта сукутдаги ҳукмга дуч келади. Одамлар кўпинча уйингиз ичидаги зийнатлар тўғрисида миш-мишларга асосланиб ҳукм юритадилар (қолаверса, уйингизнинг ташқи кўриниши ҳақида одамлар ўзингиздан сўрайдилар). Аммо хотинингиз, иш — ҳамма нарсадан ҳам мен учун устун, деб ҳаётидаги мисоллар орқали гувоҳлик беришини одамлар кутишади. Бундан ташқари, у намунали хотин, она, қиз, дугона ва қўшни бўлишга ҳақли. Агар у бу роллардан бирини ҳам эплай олмаса, орқаворотдан келган далиллар асосида ҳукм қиладиган бетараф, унча пухта билимга эга бўлмаган комиссиянинг ҳузурида хотинингиз ҳозир бўлишига тўғри келади. Хотинингиз айтилган бурчдан бирини бажаришга вақт сарфлаётган бир пайтда, қолган бурчига бепарво бўлаётганидан хавотирланади. Баъзида у, мен беайбман, деб исботлаши ёки мени кечиринглар, деб сўраши керакдек туюлади. Ишни яна шу нарса мураккаблаштирадики, хотинингизни доимий айбловчиси қўлида, омадсизликларни далилловчи яхши тайёрланган гувоҳлар бор. Хотинингизнинг барча эътирозлари дарҳол рад этилгани ҳолда, айбловчининг барча далиллари асослангандек кўринади. Унинг онгини бетўхтов сўроқлар кемиради. Қўйилган айблар оғир. Унга қўйилган қонунбузарлик жазога лойиқ даражада жиддий эмас. Ниҳоят, хотинингиз кучи борича ҳаракат қилади. Аммо нима учун бу ҳаракат ҳеч қачон етарли эмас? Жамият аёллардан кўп нарсани талаб қилади; эркаклардан ҳам талаб қилади, лекин умуман бошқача тарзда. Масалан, эркаклар оилани таъминлаши учун, аёлларга қараганда, масъулиятнинг оғир юкини кўтарадилар. Аёллар оилани таъминлашга ёрдам берадилар, лекин масъул эмаслар. Ҳатто аёл оиладаги ягона боқувчи бўлса ҳам, у кўп пул топмайди, хизмат пиллапояларидан муваффақиятли кўтарила олмайди. Бунинг учун ҳеч ким уни айбламайди. Эркакларга нисбатан эса жамият бунчалик илтифотли эмас. Бироқ аёл оила бюджетига қанчалик катта ҳисса қўшмасин, ҳатто ёлғиз ўзи ишлаб, оилани боқаётган бўлса, уйда болалар билан машғул бўлса ҳам, мактабда ёки тенгдошлари орасида фарзандлари билан боғлиқ муаммо туғилса, шикоят хотинингизга қаратилади. Баъзида хотинингизга қилинган даъволар шунчалик оғирлик қилиб кетадики, гўё у ўзини тамомила мадордан кетгандек ҳис қилади, вазифаларини эплай олмай қолади. Шунда тамомила руҳан тушиб, ҳатто касал ҳам бўлиб қолиши мумкин. Сиз бу ҳодисаларни яхши англаб етганингиздан кейин, у ибодат қилишингиз учун сизга ёрдам беради. Аёллар ҳаётида бир қанча мураккаб муаммолар қаторида яна бир муаммо — оила »кулбаси»ни доимо меҳмондўст, тартибли, шинам ва бехатар ҳолда сақлаш вазифасидир. Қоида бўйича, эркак яшаш жойини танлашда фаол, бироқ бу ишни аёл ҳис қилгандек жиддий равишда ҳис қила олмайди. Аёл, мен шинам, меҳмондўст уйни яратиш лаёқатига эга эмасман, деб шубҳаланса, бунинг учун унда вақт, маблағ бўлмаса, у ҳолда оила ташвишлар, кўнгилсизликлар манбаига айланади. Масалан, одамлар Билл ва Саранинг уйига кирганда, уй тўзиганлигига гувоҳ бўладилар. Одамлар: «Билл палапартиш яшар экан», деб ўйлашмайди, йўқ, улар дарҳол, Сара ёмон бека экан, деган хулосага келадилар. Хонадон аҳли уйда ўз нарсасини ўзи йиғиштириб юрмаса, хотинингиз қаттиқ хафа бўлади. Ёки айтайлик, сиз хотинингизга маълум қилмасдан кутилмаганда, ўзингиз билан оғайнингизни кечки овқатга таклиф қилиб олиб келасиз. Бундан хотинингизнинг жаҳли чиқади, лекин хотинингиз уйда бу одамни кўришни истамаганидан эмас, балки унинг уйи меҳмон кутишга тайёр бўлмаганидан, кечки овқат оддийгина эканлигидан хафа бўлади. Буларнинг барчаси учун айнан мени айблайдилар, деб ўйлайди. Кўп аёллар учун дастурхон ёзиб, безатиш имконияти аёлларни ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Юқоридагидек кутилмаган ҳолатда эса қобилиятларини намоён қилиш, эҳтимол, кимнидир ҳайратда қолдириш имкониятидан маҳрум бўлди. Муқаддас Китобда айтилганки, агар Худога маъқул келмаса, уйни қуришнинг маъноси йўқ, оила ташвишлари — оқими туганмас бўлган сон-саноқсиз кичик вазифаларни ўз ичига олади, улардан баъзилари шунчалик арзимаски, ҳатто Худони ўзимизнинг ташвишларимизга жалб қилиш ноқулай. Лекин биз Худо билан ўзимизнинг юкларимизни бўлишишга тайёр бўлсак, У доимо бизнинг юкимизни енгиллаштиришга тайёр. Кўп аёллар фақат оила билан яшашни эмас, балки оиладан ташқарида ҳам ҳаётдан баҳраманд бўлишни хоҳлашади. Сизнинг хотинингиз ҳам бошидан шундай туйғуларни кечираётган бўлиши мумкин. Лекин бунинг учун сиз хотинимнинг зиммасидаги уй ташвишлари юки енгиллашсин, деб ибодат қилишингиз мумкин. Ҳеч шубҳаланмасдан Худога мурожаат қилинг, хотинимга қай ҳолда берсам бўларкин, деб Худодан сўранг. Эрим менга рўзғорни бошқаришда доим ёрдам беришга тайёр эканлигини мен қадрлайман. Кимдир хотинидан миннатдор бўлгунга қадар уй ташвишлари аёл учун беҳуда иш бўлиб қолади. Шуни унутмангки, аёл оиладаги барча юмушлари учун юқори баҳо берилишини хоҳлайди. Унга сизнинг «раҳмат» деган сўзларингиз керак. Шундоқ ҳам унинг елкаларини босиб турган юкни сиз оғирлаштириб турганингизни, «Мен ҳам сенга оғир юкман», деб айтишингизни истайди, аёл одатда ҳамма нарсани ва ҳаммани ўзидан юқори қўяди. Оқибатда бундай ортиқча юклар унга руҳий зарба бўлади, асаб системасининг тамоман ишдан чиқишига сабаб бўлади. Бир куни унинг организми кальций етишмайдиган суяк каби ёрилади, унга қадар эса узоқ вақт сезилмаслиги мумкин. Агар хотинингиз ўзидан ташқари ҳамма учун яшаб, меҳнат қилаётган бўлса, ўзини унутаверса, бундай ҳаёт унинг силласини қуритади. Унинг бошқаларга, сизга берадиган ҳеч нарсаси қолмайди. Хотинингиз ўзи учун ҳам вақт топишига ибодат қилинг. Бунда у фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолмайди, аксинча, унинг ҳаёти марказини Худо эгаллайди. Аёл вазифаларини «Биринчиси — бу, иккинчиси — бу», деб тартибга солиши қийин, чунки унинг ҳаётида эътиборини тортадиган юмушлар кўп. Шунинг учун хотинингиз сизнинг ибодатларингизга жуда муҳтож. Агар сиз уни айблаган ёки танқид қилган бўлсангиз, умид қиламанки, сиз буни ёмон ниятда қилмагансиз. Сиз қўйган айбларингизни рад этинг. Хотинингизни оқлаб: «Бундан кейин хотинимни айбламайман», деб айтинг. Хотинингиз бутун оламдаги энг буюк ҳокимият эгаси бўлган Олий Ҳакам олдида оқланганини душманга маълум қилинг, шайтонга: «Хотинимни ҳукм қилишга сенинг ҳақинг йўқ», деб эслатинг. Худо инъом этган буюк оқланиш ҳақида хотинингиз шахсий гувоҳлик беради. Қонунга итоаткор бошқа аёлларга: «Сизларни қонун ўзининг ноҳақ талаблари билан келишувга мажбур қилаётган бўлиши мумкин, шунинг учун сизлар қонундан озод бўлишингиз мумкин», деб ишонтира олади. Сўнгра Худодан: «Хотиним ҳаётидаги устуворликларни намоён қилиш учун Сен ўз хоҳиш-иродангни унга намоён қил», деб ибодат қилинг. У бу ишларни қанчалик амалга оширади — биз ҳукм қила олмаймиз. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингиз ҳаётида Худони биринчи ўринга қўйишни унутмаслиги учун; • хотинингиз сиз билан мулоқот қилишга вақт топиши учун; • фарзандлари билан мулоқот қилишга вақт топиши учун; • ўзига вақт топиши учун; шинам, меҳмондўст хонадон ярата олиши учун; • ьвақтидан онгли равишда фойдалана олиши учун; • ўзининг устиворликларини тўғри тушуниб, жой-жойига қўйиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Агар ҳаётда устиворликлар тўғри тартиб бўйича жойланмаса, ҳаёт қанчалик мақсадсиз бўлишини биламан. Эркак сифатидаги вазифаларимиз қанчалик мушкул эканлигига қарамасдан, улар хотинларимизнинг бажараётган юмушларидан анча енгилроқдир. Мен Худога, Стормининг ҳаётини изга сол, деб ибодат қилишга кўп вақт сарфлайман. Унинг ишлари кўп бўлгани ҳолда, доимо шодлик ва хотиржамликни ҳис қилсин, деб сўрайман. Агар биримизнинг қалбимизда шодлик бўлмаса, кўп ўтмай, бу ҳолат бизнинг эр-хотинлик муносабатларимизга тасъир ўтказади. Ҳар бир эр хотинига далда берадиган сўзларни асраб қўйиши керак. «Раҳмат сенга. Сен буни ажойиб қилиб бажардинг»; «Раҳмат сенга фарзандларимиз тўғрисида яхши ғамхўрлик қилаётганинг учун»; «Сен менинг хотиним бўлганинг учун сенга раҳмат». Мана шундай гаплардан у ҳеч қачон чарчамайди. Биз яна, хотинларимиз Худони танисин, Худо улардан Ўзи кутаётган нарсани бажарсин, деб ибодат қилишимиз керак. Агар биз ибодат қилмасак, хотинларимиз Худони эшитишига, ўзлари юриши керак бўлган йўлни кўра олишига ҳалақит берган бўламиз. Хотиним учун ибодат қилар эканман, Раббимиз хотиним олдига қўйган мақсадларига эришсин, деб уни қўллаб-қувватлар эканман, хотиним тўлақонли ҳаётга олиб борадиган йўлни кўрсин, деб ёрдам бераман. Авваллари руҳий зарбани мен фақат эркакларнинг улуши деб ўйлардим. Ҳа, албатта! Мен ўн биринчи тидаги[3] голф майдонида кареда[4] ўтириб, бир неча соат голф ўйинини томоша қилардим. Бунга вақт топганим учун руҳий зарбадан халос бўлардим. Сторми эса бу вақтда ўзини қай бирига уришини билмасди: у топшириш муддати аллақачон ярмидан ўтиб келган китоби устида ишларди, қизига у вазифасини тайёрлашга ёрдам берарди, уй йиғиштирарди, овқат тайёрларди, қўлидан келганча иложини топарди. Яна иш юзасидан учрашувларга борар, музокаралар олиб борар, доимо норози эри учун вақт топишнинг уддасидан ҳам чиқарди. Хотинларимизнинг иши биз, эркакларнинг, ишидан ҳам кўп. Эркаклар, одатда катта, аҳамиятли бўлган муаммоларни ҳал қилишларига тўғри келади, аммо бундай муаммолар камроқ бўлади. Аёл киши эса майда, унча кичик бўлмаган қарорларни қабул қилишига тўғри келади. Мен Худодан, Стормига кунини шундай ташкиллаштиришни ўргатгинки, токи у ҳаётий қувватини сақлай олсин, деб сўрадим. Худо доим ибодатларимга жавоб берди. Ибодат Эй Раббим! Мен бугун хотиним (хотинингизнинг исми) учун ибодат қиламан. Сендан у ҳақда ғамхўрлик қилишингни сўрайман. Ҳар куни у аввало Сени излаши кераклигини, ҳаётида Сени биринчи ўринга қўйиши кераклигини унга очиб бер. У вақтини ташкиллаштиришига, вақтидан самарали фойдаланишига ўргат. У ҳар бир вазифасини уддалай олиши учун қайси вазифаси устиворлигини, қайси эҳтиёжлари муҳимлигини тартиби бўйича жойлаштириб чиқишига ёрдам бер. Хотин, она, бека, ишлаётган аёл, жамоатнинг ва гуруҳнинг хизматчиси вазифаларида хизмат қилар экан, ўртадаги, беғалва томонни топиб олишига ёрдам бер. У ўзини доимо бардам, куч-қувватга янада тўла ҳис қилиши учун, шахсан ўзи учун вақт топа олишига ёрдам бер. Бу мувозанат бузилганда, уни эзадиган айб ҳиссидан озод қил. Барча юмушлари орасида доимо мен учун вақт топсин. У вазифаларини хурсандчилик билан бажариши учун унга куч-қувват бер. Эй Раббим! Сендан сўрайман: хотиним (хотинингизнинг исми) хонадонимизни шинам, хотиржам хонадон қилишига ёрдам бер. Маблағимиз қандайлиги ҳолатига қарамасдан, у хонадонимизни ҳар биримизга шодлик олиб келадиган ажойиб уйга айлантириши учун унга донолик, қувват, куч ва равшан ақл ато қил. Сендан илтимос қиламан: унинг зиммасидаги оила ташвишлари юкини енгиллаштир, юрагида хотиржамлик бўлишига ёрдам бер. Мен уни қандай қўллаб-қувватлашимни, унга уй ишларида қандай ёрдам беришим мумкинлигини менга кўрсат. Муқаддас Руҳдан хонадонимизни севги ва якдиллик билан тўлдиришингни сўрайман. Оиламиз донолик билан қурилсин, идрок билан мустаҳкамлансин, «турли қимматбаҳо бойликка» (Ҳикмат. 24:3–4) тўлсин. Хонадонимизда Сени улуғламаётган барча нарсани бизга кўрсат, токи Мен эътироф этай. «Мен ва менинг хонадоним Раббимизга хизмат қиламиз» (Ҳавақ. 24:15). Хотиним кундалик ишларини уддалашига ёрдам бер, зиммасига ортиқча вазифаларни олмаслиги учун унга донолик бер. Ўз устиворлиги маъносини тўғри тушунишига, уларни керакли мувозанатда сақлай олишига ёрдам бер. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган вақти бор, ҳар бир ишнинг ўз пайти бор. Воиз 3:1 Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади. Матто 6:33 Агар уйни Эгам қурмаса, қурувчилар бекорга ишлайди. Забур 126:1 Уй аҳлига яхши қарайди, дангасалик қилмайди. Ҳикмат. 31: 27 Худоси Қонуни дилига бўлган жо, адашмас унинг қадами асло. Забур 36:31 10-БОБ. УНИНГ ЧИРОЙИ Аёл қандай бўлишидан қатъий назар, ёшми ёки кексами, ўзига ишонувчанми ёки уятчанми, етукми ёки ҳали етук эмасми — у доимо ҳозиргидан ҳам янада чиройлироқ бўлишни хоҳлайди. Кўп аёллар ҳақиқий гўзаллигини ўзлари умуман кўрмайдилар. Мен мақтов сўзларни ўзининг гўзаллиги тўғрисидаги гапларни эшитишни ёқтирмайдиган аёлни билмайман. Айниқса, бу гапларни унга ҳаётидаги ягона эркак айтса. Агар бу сўзларни эшитганда ҳузур топмайдиган аёлни билсангиз, демак, у аёл кўп йиллар мобайнида бундай сўзларни эшитмаган ёки бундай сўзларни эшитгану бироқ у ёки бу кўринишдаги заҳар сўзлар билан аралаш ҳолда эшитган. Нима бўлганда ҳам, бир нарса равшан: аёл ўзига нисбатан мақтовларга бефарқ бўлдими, демак, қалбида оғриқ бор. Худо аёлларни гўзал қилиб яратган. Муқаддас Китобдаги аёллар Сора, Роҳила, Ривқо, Эстер ажойиб аёллардир. Ким Марям билан Момо Ҳавонинг гўзаллигига шубҳа қилади?! Аёл учун ўзининг чиройини ва атрофдаги гўзалликни кўриш истаги табиийдир. Худо унга бу инъомни ато этган, чунки аёлнинг қалби гўзалликнинг энг мукаммал намунаси бўлган Зот олдида қалби очиқ бўлишини Худо ўзи истайди. Худо яна хоҳлайдики, аёл қиёфасида Худонинг гўзаллиги акс этиши учун, аёлнинг кўзлари Унга тикилган бўлсин (қаранг: Забур 26:4). Аёлни, сен суюклисан, деган гап янада гўзал қилади. Унинг қалбидаги Худо Руҳи, унинг Худо билан бирга эканлиги, Уни мақташ ва улуғлаш истаги — мана шулар гўзалликни таъминлашнинг энг яхши воситасидир. Эрининг гўзаллиги ҳам аёлни гўзал қилади. Севилмаган аёллар сўлиб нобуд бўладилар. Нима учун фарзандлари билан мулоқот аёлга шундай катта завқ бағишлайди? Чунки кун бўйи меҳр ва севги уни қамраб олади, қалбини тўлқинлантиради. Бироқ фарзандларининг унга нисбатан севгиси қанчалик кучли бўлишига қарамай, у эрининг севгисига кўпроқ муҳтождир. Чунки эрининг севгиси аёлга мамнуният бағишлайди. Эрининг севгиси аёлни бойитади, бу севги туфайли аёл, мен гўзалман, деб ҳис этишига имкон беради. Бу яхшилик оқими эрининг ўзига қайта интилади (Майкл менга доимо гўзал эканимни айтади, ҳатто у айтганчалик гўзал эмаслигимни билсам ҳам. Баъзида, менга тикилиб қарайвермагин, деб ундан илтимос қиламан. Лекин ундан бу ёқимли сўзларни эшитганимда, барибир, ўзимни жуда жозибали ҳис этаман.) Сизнинг хотинингиз гўзал. Майли, у мукаммал бўлмасин, шунга қарамай, унинг ташқи кўриниши ажойиб. Ишончим комилки, агар сиз унинг гўзаллигини билмаганингизда эди, сиз унга уйланмаган бўлардингиз. Агар эркак аёлни гўзал деб топмаса, аёл эрининг қалбини ларзага солмаса, ҳеч қачон унга уйланмайди. Оила қурганингизга қанча бўлди, фарқи йўқ — агар хотинингизни шу сўзларни айтадиган даражада кучли севсангиз, демак, хотинингизнинг гўзаллигини кўра оласиз. Эр хотинига қанчалик, сен гўзалсан, деб ўшандай ҳис қилишига ёрдам берса, аёл шунчалик гўзал бўлиб бораверади. Эҳтимол, сиз ҳаммага маълум бўлган «Менинг ажойиб маликам» мусиқаси билан айтиладиган «Нима учун аёл эркакка тенглашмайди?» қўшиғини эслагандирсиз? Балки, сиз бу қўшиқни ҳозир хиргойи қилаётгандирсиз? Лекин мен сизга шуни эслатишни истардимки, аёллар эркакларга ўхшамайди, улар ўзгача. Бир машҳур китобнинг номи ҳам, эркак ва аёллар — турли сайёраларнинг аҳолисидир, деб айтади. Бунда заррача бўлса-да ҳақиқат бор. Аниқроқ қилиб айтганда, эр ва хотин турли галактикаларнинг аҳолисидир. Шунинг учун ҳам у аёлдир. Аёл бўлгани учун ҳам эркакка ўхшай олмайди. Шундай экан, агар сиз хотинингиз гўзаллиги ҳақидаги ибодатнинг муҳимлигини тушунмасангиз, менга ишониб қўя қолинг. Мен нима ҳақда гапираётганимни биламан, шу боис гапимни охиригача тингланг. Хотинингиз ўзини қанчалик билиши, ўзини қандай ҳис қилиши иккингиз учун ҳам муҳим, сизнинг ҳам бахтингиз шунга боғлиқ. Албатта, хотинингиз оила қуришингиздан аввал ўзига ясаб олган тимсол учун сиз жавобгар эмассиз. Лекин энди ривожланиб бориши керак бўлган ўша тимсолга сиз ижобий ёки салбий таъсир ўтказишингиз мумкин. Сизнинг сўзларингиз унда ҳатто хаёлингизга ҳам келмаган чиройни уйғотиши мумкин. Бир куни дугонам Терри универмагда эри билан айланиб юриб, ундан сўрабди: «Сенга бу ерда бирон нарса керакми?» Эри Майкл унга қараб: «Менга бу ерда сендан бошқа ҳеч ким керак эмас», деб жавоб берибди. Бу сўзлардан сўнг Терри ўзини, гўзалман, деб ҳис қилганига шубҳа қилиш мумкинми?! Мен ҳозир айнан шу сўзларни гапиряпман. Агар хотинингизни ёшлигида ота-онаси, опа-сингиллари ва ака-укалари ёки тенгдошлари камситиб, хунук эканлиги ҳақидаги фикрни уқтиришган бўлсалар, бундай ҳолда у бугунги кундаги ўзига бераётган баҳоси паст бўлиши мумкин. «Йўқ, сен хунук эмассан», деб кимдир ишонтиришига ҳар қанча уринса ҳам, ҳаммаси беҳуда. Чунки хотинингиз гўзал эканлигига уни ишонтира оладиган фақат иккита шахс бор, холос: Худо ва сиз. Лекин унинг гўзаллиги ҳақида Худо биринчи бўлиб унга айтмаса, ҳатто сиз ҳам ҳеч нарса қила олмайсиз. Эр хотинига: «Сен дилбарсан, жозибалисан», деб қанча кўп айтишига қарамай, агар унда ички ишонч бўлмаса, ҳеч нарса ўзгармайди. Фақат сизнинг ибодатларингиз барчасини ўзгартиришга қодир. Сизнинг ибодатларингиз уни ўтмишнинг ёлғонларидан халос қилади, унга ҳақиқатни айтаётган Худони эшитишига ёрдам беради. Сизнинг ибодатларингиз яна хотинингизни ўзига ишониш билан ўзини азоблаш ўртасидаги ишнинг қийин бўлмаган тарафини топишига ёрдам беради. Соғлом шахс бўлишни истаган ҳар бир аёл буни топиши зарур. «Мен хунукман», деб доим нолийверадиган одам билан бирга бўлиш кимга ҳам ёқарди?! Ёки ўзини: «Мен ҳаммадан гўзалман», деб ҳисоблайдиган хоним ёнида туришга ким чидайди?! Албатта, кўпчилик одамлар бу даражагача бормайдилар, бироқ ўзининг ташқи кўринишидан норози бўлган одамлар кўп. Бу ҳолатнинг сабаби шундаки, дунё гўзал аёл тури стереотипи (андаза)ни доимо зўрлаб ўтказади. Агар аёл танаси маълум бир мутаносибликка, сочи маълум бир турга, кўзлари маълум бир бичимга, лаблари маълум шаклга, хуллас, аниқ мезонга мувофиқ бўлмаса, у гўзал деб атала олмайди. Шунинг учун сиз ибодат қилинг, токи хотинингиз жамият фикри зулмидан халос бўлсин, унинг кўзлари доимо Раббимизга тикилган бўлсин, хотинингизни беҳад гўзал қиладиган Худонинг гўзаллигини кўрсин. Аёл киши ёшлигидаёқ хушомадга эҳтиёж бўлади. Қизим икки ёшга тўлганда, ҳар якшанба уни жамоатга олиб боришга тайёрлаётиб, мен унга энг чиройли кўйлакларини кийдирар эканман, унга: «Сен жуда чиройлисан», деб айтар эдим. Бу гапим унга ғоят ҳузур бахш этарди. Шундан сўнг: «Бор, даданг сени бир кўриб қўйсин», деб қўшни хонага киритар эдим. Агар дадаси ҳам унга, жудаям чиройли бўлиб кетибсан, деб гапирса, у бахтиёрлигидан ял-ял ёнарди. Аёл қайси ёшда бўлмасин, эркаклардан эшитган мақтов сўзлари унга хурсандчилик бағишлайди. Шундай экан, нафақат хотинингиз, балки қизингиз ҳам сиздан шундай сўзларни эшитишни хоҳлайди. Аёлларингиз сиз ўйлагандан ҳам кўпроқ бу сўзларга муҳтож. Онангиз ва бувингизга ҳам уларнинг гўзаллиги тўғрисида айтишни унутманг. Аёл неча ёшда бўлмасин — икки ёшми ёки бир юз икки ёшми — унинг қалбида олов ёқиш сизнинг ҳукмингизда. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Худо уни севишини билиши учун; • Худо, гўзалсан, деб айтаётганини ичида ҳис қилиши учун; • Сизнинг севгингизни ҳис қилиши учун; • Ўзини қадр-қимматига яраша баҳолаши учун; • Ўзига қарашга вақт топиши учун; • Ўзини янада жозибали қилишни билиши учун; • Сиз уни гўзал деб ҳисоблашингизни билиши учун. ЭРКАКЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Биз, эркаклар, хотинларимизни мақтаб эркаламаймиз, Улар ўзларини гўзал деб ҳис қилишлари қанчалик муҳим эканини тушунмаймиз. Нима учун Сторми шунчалик дилбар бўлишга интилиши баъзида мен учун қизиқ. Шубҳасизки, мен унинг ҳаракатлари натижасини кўраман. Бироқ асосийси шундаки, худди бошқа аёллар учун бўлганидек, унинг учун ҳам гўзаллик борлиғининг ажралмас қисмидир. Шунинг учун Худо унга ато қилган шу чирой ҳисси унда яшасин, деб ибодат қилишни ўз бурчим деб биламан. Унинг айтишича, болалигида қариндошларидан ҳеч ким унга гўзалсан, деб айтмаган. Шунинг учун у асло жозибали эмаслигига ишониб ўсган. Операциядан сўнг Сторми хижолат бўлиб: «Майкл, бугун кўринишим унча яхши эмас», дегани эсимда. Мен унга: «Жонгинам, ахир, мен ҳам ҳар доим сенинг олдингда зўр кўринишда бўлавермайман-ку!» деб жавоб бердим. Биз, эркаклар, хотинларимизга, сен ғоят гўзалсан, деб айтиб, уларнинг ўзларига берадиган баҳосига катта таъсир ўтказамиз. Сторми ҳаётининг бу соҳаси ҳақида ибодат қилганимда, мен, хотинимда Сенинг гўзаллигинг акс этсин, деб Худодан сўрайман. Менга ишонинг: бундай ибодат албатта таъсир кучига эга. Ибодат Эй Раббим! Мен хотинимга Сенинг назарингда қадрли бўлган «мўмин, сокин руҳ»ни инъом қилишингни сўрайман (қаранг: 1 Бут. 3:4). Уни Ўзинг берган гўзалликни қадрлашга ўргат. Менга ёрдам бер: уни қўллаб-қувватлай, уни жозибали деб ҳисоблай, ҳар доим шундай сўзларни айтишни унутмай. Агар ўтмишда кимдир хотинимни буларнинг аксига ишонтириш бўлса, унинг қадр-қимматини ерга урган бўлса, Сенинг ҳақиқатинг унинг онгидан бу ёлғонни бутунлай чиқариб ташласин. Унинг онгини қачонлардир ўзига нисбатан айтилган барча дилсиёҳлик, ҳақоратомуз сўзлар таъсиридан холи қил. Мен истардимки, хотиним учун ўзини баҳолаш мезони — ташқи кўриниши эмас, балки Сенинг Каломинг бўлсин. Сен уни қандай кўрсанг, ўзи ҳам шундай кўришига ёрдам бер. У мен учун кўп қимматли эканига — Сенинг кўз ўнгингда ҳам қадрли эканига ишонтира олай. Хотинимни ўзи ҳақида ғамхўрлик қилишга ўргат: яхши кийинишга, зеб-зийнатларни тўғри танлашга ва ўз чиройини кўрсата олишига ҳамда шу билан Сенга шукр айтиш учун пардоз-андоз қилишга ўргат. Шу билан бирга, у Сен берган гўзалликдан яхшироғи йўқлигини унутмаслигига ёрдам бер. Хотинимда акс этаётган Сенинг тимсолингни атрофдагилар кўриши учун уни барча нарсада гўзал қилгин. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади. Ҳикмат. 31:30 Сизнинг жозибангиз ўрилган сочлар, тақилган олтинлар, чиройли кийимлар каби ташқи зеб-зийнатдан иборат бўлмасин. Аммо яширин қалбингиздаги ювош ва сокин руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Бунинг Худо олдида қадри азиздир. 1 Бут. 3:3–4 Подшоҳ сенинг гўзаллигингни орзу этмоқда, Сенинг жанобингдир у, унга сажда қил. Забур 44:12 Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади… Воиз 3:11 11-БОБ. УНИНГ ИНТИМ ҲАЁТИ Тан олинг, сиз биринчи ўнта бобга кўз югуртириб чиқиб, дарров шу бобга маҳкам ёпишдингиз-а, тўғрими? Агар тўғри топган бўлсам, хижолат чекманг, ўзингизни бундай тутишингиз мутлақо табиий ҳол Жинсий алоқа — бу нафақат эркаклар ҳаётидаги энг асосий нарса, балки уларнинг энг катта талабидир (ишонаманки, сиз буни ўзингиз ҳам биласиз). Ибодатгўй аёлнинг қудрати китобимда мен эркакларни ғоят ҳаяжонга солувчи бу мавзуга дастлабки боблардан бирини — тўртинчи бобни бағишлаганман (мен бу мавзуга биринчи бобни бағишламадим, чунки ҳар қалай, бу китоб масиҳийлар учун мўлжалланган). Сиз ҳозир ўқиётган бу китобда аёлларнинг энг жиддий эҳтиёжлари тўғрисида дастлабки бобларда сўз юритилган. «Унинг интим ҳаёти» бобини мен ўртада жойлаштирдим (шуни унутмангки, бу китобдаги мавзулар кетма-кетлиги аёллардан сўровларим натижаси сифатида ёзилган). Жинсий алоқа эркакларнинг биринчи ўринда турадиган ишлари рўйхати билан солиштирганда, аёлларнинг қадриятлари рўйхатида бу деярли биринчи ўринда эмас. Мен бунинг сабабини шунда кўраманки, аёллар учун жинсий алоқа — жуда мураккаб мавзу. Улар ҳис-туйғуларидан, хотираларидан, фикрларидан, ўтмиш ҳодисаларидан уларни ажратиб олиб, фақатгина жиомоний субъект бўлиб қолиши қийин. У қаноатланиш ҳиссини фақат жисмоний талабларда изламайди — унинг қалб эҳтиёжларининг муҳимлиги ҳам жисмоний талаблардан кам эмас. Хотинингизнинг интим ҳаёти икки омилга боғлиқ: 1. Унинг ўзига нисбатан муносабатига. 2. Унинг сизга нисбатан муносабатига. Аёлнинг ўзига нисбатан муносабати асосан, ҳаётда эркаклар унга қандай муносабатда бўлганига боғлиқ. Агар уни таҳқирлашган, камситган, қадрига етмаган бўлсалар, агар уни зўрлаган бўлсалар, у ҳолда аёл ўзини нормал ҳолда тутишни ўргана олмайди. Ҳатто эри уни ҳеч қачон ранжитмаган бўлса ҳам, ўтмишда бошидан ўтказганлари эр-хотиннинг интим муносабатларига ҳалақит беради. Қанчалик ғалати эшитилмасин, агар аёл ўзини жозибали, ёқимтой ҳис қилмаса, ўзини ўшандай кўрсатиши қийин. Бироқ эркак киши хотинини севишига ишонтира олса, у ҳолда ўзини суюкли, керакли, деб ҳис қилган аёлэри билан интим алоқа бўлишини истайди. Хотинингизнинг сизга нисбатан муносабати қандай? Агар унинг сизда алами бўлса, сиздан ҳафсаласи пир бўлса, сиз унинг дилини оғритган бўлсангиз, у ҳолда буларнинг барчаси сиз билан жинсий алоқа қилиш истагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар сиз уни ранжитган бўлсангиз, майли, бехтиёр юз берган бўлсин, жисмоний ҳимоя таъсирини пайдо қилиш мумкин. Қачон ранжитгансиз — бунинг фарқи йўқ (мисол учун, бир ой олдин юз берган, аммо сиз буни унутиб юборгансиз). Хотинингиз қалбидаги яра жуда узоқ вақт оғриқ бериши мумкин. Бу сизнинг интим муносабатингизда дарҳол акс этади. Агар унинг қалбида сизга нисбатан оғриқ, алам яширинган бўлса, ишончингиз комил бўлсинки, сиз билан жисмоний яқинлик унга тамомила бегона. Аёл учун жинсий алоқа — бу эркакка бўлган майлини намоён қилишдир. Унгда ўзига жабр қилган, камситган эркакка илтифот кўрсатиш истаги умуман йўқ. Эркак киши ўз жуфтига нисбатан кучли туйғуларни ҳис қилмай туриб ҳам жисмоний алоқа қилишга қобил бўлса, аёлда барчаси ўзгача. Албатта, у жинсий алоқа қилиши мумкин. Бироқ бундай ҳолда ўзини сотаётгандай туюлади. Аёл ўзини суюкли ва хоҳиши бор деб ҳис қилган вақтда чинакамига ёқимтой бўлади. Севги тафтидан гуллаб-яшнайди. Дилини оғритган одамга эса ўзини бағишлай олмайди. Эр-хотин муносабатларини мустаҳкамлаш учун энг муҳим шарт ишончдир. Хотинингиз сизга ишониши керак. Агар у сизнинг ростгўйлигингизга ишонса, у ҳаётингизнинг бошқа соҳаларида хатоларингизни кечиради. Агар кимдир бошқасининг ишончини оқламаган бўлса, тавба, кечирим ва шифо учун ибодат қилиш керак. Аёл ўзи ишонмаган одамга танасини, ақлини ва туйғуларини ҳеч қачон бағишламайди. Агар эр-хотинлик ҳаётингизда хиёнат юз берган бўлса, сиз руҳан кучли, тажрибали психоаналитик масиҳийдан консультация олишингиз лозим. У Худо ҳамма нарсани ўзгартиришга, шифолашга ва бутунлай янгилашга қодир эканлигига ишонган одам бўлсин. Садоқатлиман, деб ваъда берган, аммо бузган тараф гуноҳини эътироф этиб, тавба қилиб, кечирим сўрасин. «Эр-хотинлик муносабатларимизнинг покланиши ва бир-биримизга садоқатли бўламиз», деб ваъда бергансиз. Шу ваъдангиз бажарилиши ҳаётингизнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолиши учун ибодат қилинг. Ибодатсиз барча яширин аламлар эр-хотинлик ётоғингизда ўзларин ошкор қилади. Фақат Худо қилиши мумкин бўлган бутунлай шифо топиш ва ишончнинг қайтадан туғилиши натижасида муносабатлар тикланади. Кўп эр-хотинларда жинсий алоқага оид муаммолар тўйгача бўлган салбий тажриба сабабидан содир бўлади. Агар сизда ҳам шундай ҳодиса юз берса, нохуш хотиралардан халос бўлай, деб ибодат қилинг. Ўтмиш алоқаларингиз шарпалари ётоқхонангизда изғиб юришига йўл қўйманг. Муқаддас Ёзувга бинонан, эр-хотин ўзини тана яқинлигидан тиймасликлари керак. Лекин улар бир-бирининг эҳтиёжи ва ҳолатларига эътиборли бўлиши зарур. Агар бири касал бўлса, азоб чекаётган бўлса, бошқаси буни тушуниб, жуфтини ҳурмат қилиши зарур. Аёл кўпинча чарчайди, эрининг истагини қондиришга тайёр эмас, бунда ҳеч қандай шахсий сабаблар йўқ. Хотинингиз ҳамма нарсага етарли эътибор бериши керак: фарзандларга, уй ишларига, ишга, моддий маблағга, руҳий зарбаларга, гармонал ўзгаришларга. Сиз буларни билишингизни хотинингиз истайди. Бироқ ҳаётнинг бу соҳасига эътиборсизлик қилиш мумкин эмас, чунки тирикчилик ташвишларининг оқими аёлни шундай узоққа олиб кетиши мумкинки, эр билан интим мулоқот унинг учун иккинчи даражали бўлиб қолади. Жинсий алоқа — оилада энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Аёллар буни доим ҳам тушунавермайдилар. Кўп аёллар жинсий алоқа эрлари учун қанчалик муҳим эканлигини билавермайдилар. Шунинг учун хотиним муаммо нимада эканини тушуниб, ўргансин, мен муҳтож бўлган эътиборни, эркалашларни менга инъом этсин, деб ибодат қилишингиз керак. Илтимос: ўзингизни худбин деб ҳисобламанг. Асло ундай эмассиз. Сиз ибодат бўлмиш руҳий қуролдан фойдаланиб, оилангизни сақлаяпсиз, холос. Агар эр-хотинлар ўртасида жинсий алоқани мустаҳкамлаш имкониятига бефарқ бўлсангиз, оила бузилиши мумкин. Шу боис эр-хотинлик муносабатингиздаги бу энг муҳим соҳани тақдир ҳукмига ташлаб қўйманг. Ҳозир сизга айтадиган гапларим ғалати туюлиши мумкин, лекин жаҳлингиз чиқмасин. Чунки бу сўзларни мен кўп аёллардан эшитганман. Гап шундаки, ҳамма аёллар ҳам ҳар доим айнан жинсий алоқага муҳтож эмаслар. Баъзида улар эрларининг эркалашларини, уларнинг юмшоқ муомаласини истайдилар. Хотинингизни ўпганингизда, бағрингизда эркалаганингизда, у ҳам сиз билан бир тана каби туйғуларни бошидан кечириши лозим. Бундай лаҳзаларда у жинсий алоқа ҳақида ўйламайди. Унга жинсий алоқа керак эмас — унга эри билан қалбий яқинлик ҳисси керак; унга эрининг севгиси тасдиғи керак. Худодан куч олган эркакдан ҳам кўркамроғи йўқ. Бундай эркак одамни ўзига тортади. Мен ташқи кўриниши билан кўзга ташланмайдиган оддийгина эркаклар Худони таниб-билганларида, имонда ўсиб, Унга ўхшашга интилганларида, келишган ва ёқимли инсон бўлганларини кузатганман. Агар сиз хотинингиз учун янада ёқимли бўлишни истасангиз, Раббимизни таниб-билинг, Унда ўсинг. У қалбларингизни ўзгартиришига имкон беринг. Шунда сиз ҳам Унга ўхшаб қоласиз, шунда Худо сизни нафақат ички тарафдан, балки ташқи қиёфангизни ҳам ўзгартиради. Севгилингизни ўзингизга боғлайдиган элликта усул бўлиши керак, ибодат, шубҳасиз, шуларнинг биридир. Ишончим комилки, Худонинг мадади билан сиз қолган қирқ тўққизтасини ҳам топасиз. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Сизнинг жинсий муносабатларингиздан эр-хотин иккалангиз қаноат ҳосил қилишингиз учун; • Интим муносабатларингизда худбинлик бўлмаслиги учун; • Олиангизда романтика барҳаёт бўлиши учун; • Сизни бир-бирингиз билан улуғ бир назокат ва истак боғлаб туриши учун; • Хотинингиз сизнинг талабларингизга эътиборли бўлиши учун; • Хотинингизнинг чарчоғи сизларнинг яқинлигингизга тўсқинлик қилмаслиги учун; • Сизлар бир-бирларингизга жинсий ҳузур бағишлашингиз учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Хотиним «қўғирчоқ» аёллардан! У доимо шундай бўлган, танишувимизнинг биринчи кунларидан шундай ва у бугунгача шундай бўлиб қолмоқда (келинглар, биродарлар, кўпчилигимиз ўзимиз танлаган қизимизнинг гўзаллигидан бошимиз айланиб уйланганимизни тан олайлик). Бироқ Стормининг гўзаллиги — фақат ўзининг хизмати эмас, бунда менинг ҳам ҳиссам бор. Менинг бу ишдаги иштироким, сенга садоқатли бўламан, интим ҳаётимизда бир-биримизга бўлган ишончга путур етказмайман, деб ваъда берганимдан бошланади. Шайтон иттифоқимизни бузишига мен йўл қўймоқчи эмасман. Ҳа, мен комил эмасман, доим ҳам тўғри фикрламайман. Лекин душман: «Хотинларингиз унчалик гўзал эмас, вақти келиб чиройини йўқотади», деб бизга уқтиришга ҳаракат қилади. Бундай пайтда душман ўйини остидаги маданиятимиздан туғилган кучли хор овозларини дарҳол танийман. Душман бизни хаёлларимиздагини ҳаётда синаш учун ҳар тарафлама гуноҳ билан ўйнашишга даъват қиладилар. Бироқ Худодан сўрасак, эр-хотинлик муносабатларимизни покликда сақлашга у ёрдам беради. Мен хотиним билан жинсий муносабатларимизнинг кўнгилдагидай бўлиши учун ибодат қиламан. Худо бизга тайёрлаб қўйган инъомга ҳеч қандай орзу-хаёл тенг келолмайди. Мен яна хотиним ўзининг ким эканлигидан хурсандчилик топиши учун ибодат қиламан. Бу жуда муҳим. Ибодат Эй Раббим! Сендан илтимос қиламан: бугун оиламизни, хотиним (хотинингизнинг исми)ни ва бизнинг интим муносабатларимизни марҳаматла. Мен хотинимга нисбатан худбин бўлмасдан, эътиборли бўлишимга ёрдам бер. Хотиним ҳам худбин бўлмай, менга нисбатан эътиборли бўлишига ёрдам бер. Бизнинг муносабатларимиз назокат ва романтизмга тўла бўлсин, бир-биримизга интилишимиз бизни тарк этмасин. Интим ҳаётимизда бузилган нарсани тўғрила. Ҳар куни бир-биримизга эътибор ва севги белгиларини кўрсатишга бизни ўргат. Мен истардимки, бизнинг жинсий алоқаларимиз ҳар иккимизни қаноатлантирсин. Мен уни хафа қилиб қўйсам, менга буни кўрсат. Мени шундай кечирим сўрашга ўргатгинки, токи у бутунлай мени кечириб юборсин. Жанжал бўлган ҳолатда шайтонни оиламизга киритмаслигимиз учун бизни тез ярашишга ўргат. Агар қачондир муносабатларимиз алангаси нафасни бўғувчи тутунга айланса, Сендан илтижо қилиб сўрайман: атрофимиздаги ҳавони тозала, севгимиз гулханини қайта аланга олдир. Хотинимга нисбатан доимо эҳтиром ва иззат-икром билан муносабатда бўлишимга, ҳеч қачон ҳатто ҳазиллашиб бўлса ҳам, унинг дилини оғритадиган сўзларни айтмасликка мени ўргат. У чарчаганда ва соғлиғи яхши бўлмаганда, унинг муҳтожликларини тушунишимга мени ўргат. Шу билан бирга, Сендан яна шуни сўрайманки, жинсий алоқада менинг талабларимни у ҳам ҳисобга олишига ўргат. Фақатгина Сен бизнинг интим муносабатларимизда беғалва томонни топа олишимизга ёрдам берасан. Бизнинг интим муносабатларимиз нафақат бизнинг танамизни, балки қалбимиз ва жонимизни ҳам узилмас ришталар билан боғласин. Бир-биримиз билан истакларимиз ва талабларимиз тўғрисида очиқ сўзлашимизга ёрдам бер. Биз доимо бир-биримизга содиқ бўлишимизга ёрдам бер. Ҳаётимизни ҳар қандай васвасадан халос эт. Агар оиламизда хиёнатга ўрин бўлган бўлса (ёки иккимиздан биримиз гуноҳни энди англаган бўлсак), гуноҳимизни эътироф этайлик, кечиришни ўрганайлик. Бизни ҳаром ниятлардан, хатти-ҳаракатлардан покла. Ҳаётимизнинг бу муҳим соҳасини тўғри баҳолашимизга ёрдам бер. Бизни фақат бир-биримизни исташимизга қодир қил. Бизнинг жинсий ҳаётимизни жонлантиргин, янгилагин, бизнинг интим муносабатларимиз Сен ўйлагандек бўлсин. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Хотиннинг бадани устидан хотин эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шундай, эрнинг бадани устидан эр эмас, балки хотини ҳокимлик қилади. Бир-бирингиздан бош тортманглар. Фақат ўзаро келишгандан сўнг, [рўза тутиш ва] ибодат қилиш учун вақтинча жудо бўлинглар. Кейин яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаганингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин. 1 Кор. 7:4–5 Лекин зинога йўл қўймаслик учун, ҳар бир кишининг ўз хотини бўлсин ва ҳар хотиннинг ўз эри бўлсин. Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр-хотинлик вазифасини бажо келтирсин. 1 Кор. 7:2–3 Никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин, ётоғингиз беғубор бўлсин. Чунки зинокорлару фоҳишларни Худо ҳукм қилади. Ибр. 13:4 Худонинг иродаси шу: муқаддас бўлинглар, зинодан ўзингизни сақланглар. Ҳар бир одам ўз хотинини эплаб, муқаддас ва иффатли сақласин. Худони танимаган халқлар каби шаҳвоний ҳирсга берилманглар. 1 Сал. 4:3–5 Зинодан қочинглар! Инсон қиладиган ҳар қандай гуноҳ бадандан ташқарида бўлади. Зино қилувчи эса ўз шахсий баданига қарши гуноҳ қилади. 1 Кор. 6:18 12-БОБ. УНИНГ ҚЎРҚУВЛАРИ Телевизордан янгиликларни кўрган ёки газета ўқиган ҳар қандай инсон шуни биладики, дунёда қўрқув учун сабаблар кўп. Ҳаттоки руҳан етук, имонли одамлар ҳам аҳён-аҳёнда қўрқуни бошларидан кечирадилар. Бу қўрқувлар ўзларига ва оилаларининг хавфсизлигига тегишли, айниқса, «Бирданига содир бўлиб қолса-чи?» деган хаёлни бошидан кечирадиган аёллар заифликларини намоён қиладилар: «Кимдир уйимизга бостириб кириб қолса-чи?», «Қарзларни тўлаш учун пул етмаса-чи?», «Эрим вафот этиб қолса ёки ногирон бўлиб қолса-чи?», «Бирдан мен касал бўлиб, оиламга ғамхўрлик қила олмасам-чи?» Бундай хавфсирашнинг барчаси асосли. Бироқ бундай қўрқувлар аёл қалбини эгаллаганда, ҳаётини бошқараётганда, қўрқув уни тамомила тақа тақ тўхтатиб қўяди. Ҳаётимизда қўрқинчли воқеалар ёки бахтсизликлар содир бўлганда, ўзимиз шунга ўхшаш нарсанинг гувоҳи бўлганимизда, биз қўрқувга эшик очамиз. Биз буни ўзимиз тан оламизми, йўқми — барибир шубҳалар қалбимизга ўрмалаб киради. Худо биз тўғримизда барчасини билишига, бизни ҳимоя қилишига ишончимиз комил эмас. Қўрқувнинг кучи Худонинг кучига бўлган ишончимиздан устун чиқади, қўрқув руҳи бизни қул қилиб олиши мумкин. Қўркувнинг акси — ҳаммамизга асло етишмаётган ишонч. Лекин қўрқув ҳаётингизда асосий ўрин эгаллаган бўлса, ундан қутулиш ва Раббимизга келиш осон эмас. Шу боис ҳам қўрқув билан бошқарилаётган одам ибодатга муҳтож. Эрнинг, хотиним қўрқувдан халос бўлсин, деб қилган ибодати улкан қудратга эга. Эрнинг ибодати Худо хотинини севишига, доимо ҳаётини Худо бошқаришига ҳеч қачон хотинини тарк этмаслигига бўлган ишонч мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Жисмоний хавф-хатар, камбағаллик олдидаги қўрқувдан ташқари, аёл яна инсонлар олдидаги қўрқувдан азоб чекиши ҳам мумкин. «Одамлар мен тўғримда, фарзандларим, ишим тўғрисида, эрим, лаёқатим тўғрисида нима деб ўйларкин», деб хавотирга тушмайдиган аёл кам топилади. Жамият фикри ҳақида хавотирланиш табиий ҳол, бироқ ташвишланиш аёлнинг феъл-атворига салбий таъсир қила бошласа, одамлар олдида қўрқув пайдо бўлади. Қўрқув аёлни маълум даражага маъқул бўлиш учун бор имкондан фойдаланишига ёки ниманидир нотўғри қилиб қўйишига, хатога йўл қўйишдан қўрқишга мажбурлайди. Сизнинг ибодатларингиз хотинингизнинг шундай ўзгаришига ёрдам берадики, у одамларнинг олдида қўрқмайди, унинг қалбини Худо тўлдиради. Гап ҳатто кенг қамровли қўрқув ҳақида эмас, балки ортиқча семиришдан, жозибани йўқотишдан, ҳамкасблари билан урушиб қолишдан, йиғиб-терган маблағини йўқотишдан ҳам қўрқув пайдо бўлиши мумкин. Бу қўрқувларнинг пайдо бўлиш сабабини қўрқувнинг у ёки бу кўринишидан излаш керак. Муқаддас Китоб таълим беришича: «Васвасага тушмаслик учун ҳушёр бўлиб, ибодат қилиб туринглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир» (Матто 26: 41). Агар қандайдир муаммо хотинингизнинг тинчини бузаётган бўлса (масалан, тананинг қандайдир истаги), «Худо хотинимда пайдо бўлган васвасага қарши турсин, ундан озод бўлсин», деб сиз бирга ибодат қилишингиз хотинингиз учун зарур. Хотинингизнинг асосий муаммоси нимада эканини биласизми? Сиз уни таъқиб қиладиган жиддий қўрқувлар ҳақида нималар биласиз? Эҳтимол, сиз булар тўғрисида тахмин қилаётгандирсиз, бироқ сиз ундан: «Сен энг кўп нимадан қўрқсан? Менга айт-чи. Чунки мен сен учун ибодат қилмоқчиман», деб сўрасангиз, яхшироқ бўлади. Сиз унинг жавобига ҳайрон қолишингиз мумкин. Чунки биз ўзимиздаги кўп қўрқувларни бошқалардан яширамиз. Мен бир неча йил аввал бу саволни эримга берганимда, унинг жавобидан ҳайратга тушганман: у, ёмон ота бўлишдан қўрқаман, деб жавоб берди. Бу жавоб мени ҳайрон қолдирмаслиги мумкин эмасди, чунки унинг хатти-ҳаракати нимадир чатоқ эканлигидан шубҳа қилишга сабаб бўлмасди. Унинг иқрори аниқ муаммоларнинг ечими тўғрисида, айнан унинг фарзандлари билан муносабати мустаҳкамланиши тўғрисида ибодат қилишга мени ундади. Кўп ҳолатларда аёллар катта юкни ўзларининг нозик елкаларида олиб юришларига тўғри келади. Шуни билингки, аёл қанчалик кучли кўринмасин, у табиатан заиф жондир. Ҳатто «тошдай метин», деб аталадиган аёл аслида ундай бўлишни хоҳламайди. Бироқ чамаси, маълум сабабларга кўра, шундай бўлишга мажбур. Хотинингиз елкасида олиб юриши керак бўлмаган юкни кўтариб юрибдими, йўқми — буни билиш учун Худодан, менга ҳақиқатни оч, деб сўранг. Агар шундай бўлса, бу юкни ўз зиммангизга олишингиз учун ибодат қилишингиз керак бўлади. Душман яна бир жиддий ғояни ўйлаб юрибди: бу ҳам бўлса, хотинингизда норозиликни пайдо қилиш. Ўз муаммоларини тушуниб, сабр билан Худодан жавоб кутган ҳолда, қаерда ўзгаришлар бўлиши зарурлигини кўриш — бошқа; ўз ҳаётидан нафратланиш — бошқа. Иккинчиси фақатгина азоб келтиради, хафагарчиликдан бошқасини олиб келмайди. Баъзида аёл, ҳаётимдаги қийин вазият ўзгармайди, шундайича қолади, шекилли, деб қўрқади. Шунга ўхшаш ноумидлик туйғуси ҳар қандай аёл учун ҳам машаққат, лекин бунда — аёлнинг қалбида хавотирлик, доимий қўрқув уруғларини сепиш мақсадини кўзлаган душманнинг иш усулини кўра билиш муҳим. Кўпинча аёлнинг қалби ўзгаришларни ихлос билан хоҳлайди, ибодатимга номаълум вақт мобайнида жавоб кутай, деб овораи сарсон бўлади. Хотинингиз хавотирланиб, қўрқувга тушса ҳам, Худога бўлган ишониш имкониятини кўришга ўргансин, Худога мутлақо боғлиқ эканини англасин — сиз шулар учун ибодат қилинг. Худодан: «Хотинимни ўз ҳаётидан мамнун бўлишга ўргат, у турли хил вазиятга тасодифан эмас, маълум мақсад билан тушганига ишонсин, уни шунга ўргатгин», деб сўранг. Бизни ибодат қилишга ундайдиган қўрқув самара беради. Бизни шол қиладиган қўрқув эса ҳалокатга олиб боради. Хотинингиз Худо билан мулоқотда бўлишига Худо унинг олдига қўйган мақсадига яқинлашишига қўрқув ҳалақит беришига йўл қўйманг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Қўрқув руҳи томонидан васвасага солинмаслиги учун; • Ўзининг барча хавотирликлари тўғрисида Худога сўзлаши учун; • Инсонлар олдида қўрқувга тушмаслиги учун; • Ҳар қандай васваса билан кураша олиши учун; • Худо уни асраётганига ишониши учун; • Фақат Худога боғлиқ бўлиб, душманнинг ҳужумларидан қўрқмаслиги учун; • Худо берган хотиржамликка эга бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Форт-Уертадаги «Life Outreach» халқаро ташкилотининг Техас бўлими Президенти, воизи ва «Life Today» теледастури асосчиларидан бири Жеймс Робисон сўзлайди. У хотини Бетти билан оила қурганларига 38 йил бўлди, учта фарзанди ва ўн битта набиралари бор. Худо мени ажойиб хотин билан марҳаматлаган. Фақат у мен учун шундай мукаммал «жуфт»имни — дўст, фарзандларимнинг онаси, набираларимининг бувиси, энди эса яна Life Today теледастурини ташкил қилишдаги ёрдамчимни берган. Беттини кўп йиллар давомида қўрқув таъқиб этарди. У ўзига паст баҳо берар, омадсизликка учрайверганидан ҳафсаласи пир бўлганидан ваҳимага тушиб қўрқаверар, қандай қилиб бўлса ҳам, қатъият билан атрофдагиларнинг таҳсинини олмоқчи бўларди. «Ишнинг пачавасини чиқариб қўймай, хато қилиб қўймай», деган қўрқув унинг қалбида, онгида пала партишлик уруғларини эккан эди. Ҳатто мактаб имтиҳонлари олдида ҳам унинг устидан қаттиқ тушкунлик, ҳатто ваҳима ғолиб келганини сўзлаб берарди. У, атрофдаги одамларга таклиф қиладиган ҳеч нарсам йўқ, деб ҳисобларди. Шу боис ҳам у ўзини оилага бағишлашга, садоқатли умр йўлдоши ва она бўлишга аҳд қилди. У бу вазифани жуда яхши уддаларди, бироқ бошқа одамлар олдида қалбини оча олмас, ўзига паст баҳо берар, булар эса унга азоб берарди, натижада Бетти ўз қобиғига ўралиб қолган эди. Агар дунё бу аёлнинг ички гўзаллигини, руҳан теранлигини, асл донолигини кўра олсайди, булар орқали ажойиб марҳаматга сазовор бўлишини қалбимнинг тўрида билар эдим. «Хотиним бошқа одамлар олдида қалбини оча билсин, одамлар билан қалбининг бутун хазинасини ўртоқлашсин, Худо Беттининг қалбига жасорат берсин», деб мен кўп йиллар ибодат қилдим. Унга ибодат қилаётиб, мен ўзгариш истагини ҳис этардим. Худо ҳам уни доимо қўллаб-қувватлаш истагини кўнглимга солди. Менинг мақтовларим, далдаларим гўё гўзал гулни озиқлантирадиган сувдек унга таъсир этарди. У бирон ишда озгина бўлса ҳам иштирок этган пайтда ҳар гал мен унинг иштироки атрофдагиларга қандай марҳамат бўлаётганини кўрардим. Мен доимо Беттига, Худо инъом этган ички гўзаллигинг бошқаларга ҳам илҳом бахш этяпти, ҳаёт йўлларидаги тўсиқларини енгиб ўтишингга ёрдам беряпти, деб айтардим. Худо ибодатларимга жавоб берди: ҳаётбахш сув Шимолий Америка ва бошқа мамлакатларнинг миллионлаб аҳолисини суғорди, сўнг ўзимизга миннатдорчиликлар, таҳсин-тасаннолар билан қайтиб келди. Буларнинг ҳаммасига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Кўп одамларнинг фикрича, (менинг фикримча ҳам) бугун Бетти — ер юзидаги энг севимли ва эҳтиромга сазовор аёл. Унинг ҳаёти — ибодат кучининг ёрқин исботи. Бетти Робисоннинг ҳаётида содир бўлган ғаройиб ўзгариши туфайли, миллионлаб одамлар ер юзида ҳаётнинг мукаммаллигини ҳис этдилар. Абадий ҳаётда ва бу ҳаётда буюк Отамиз Худо орқали лаззат олишлари мумкин. Ибодат Эй Раббим! Сендан илтимос қиламан: хотиним (хотинингизнинг исми) «ҳеч нарсадан ташвиш қилмаслигига» ёрдам бер. Ҳар қандай ақлдан устун бўлган сенинг тинчлигинг доимо унинг қалбида яшасин, у доимо Сенга барча муаммолари ҳақида сўзласин. Айниқса, мен унинг (хотинингизни таъқиб қилувчи қўрқувни айтинг)… дан халос бўлиши учун ибодат қиламан, уни бу қўрқувдан озод этиб, бугуноқ унга ором бахш этишингни сўрайман. Душман хотинимнинг ҳаётини ўғирлашга ҳаракат қилган ҳар пайт, душманнинг режасини била олишимга мени ўргат. Душман хотинимга қилган барча ҳужумларга қарши курашаман, хотинимнинг ҳаётида қўрқувга жой бермайман. Сен — хотинимнинг Ҳимоячиси эканингга ўзининг ишончини мустаҳкам қил. Хотиним (хотинингизнинг исми)ни одамлар олдида қўрқув қийнамаслиги учун ибодат қиламан. Унга шундай куч ато этгинки, ҳар қандай ғийбат ва танқиддан устун бўлсин, жамият фикри олдида қўрқувдан озод бўлсин. Сенга маъқул бўлишга ҳаракат қилсин ва бу ҳаракати унинг ягона интилиши бўлсин. Мен хотинимга шундай деб айтаман: «Ниҳоят, Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлинглар» (Эфес. 6:10); «Адолат, тўғрилик сени кучли қилади, Зулм, қўрқувдан сен узоқ бўласан» (Ишаё 54:14); «Эгам нурим ва нажотимдир, Кимдан мен қўрқардим?! Эгам ҳаётимнинг қалъасидир, Ким мени қўрқита олар?!» (Забур 26:1). Эй Раббим, Мен Сендан сўрайман, хотиним (хотинингизнинг исми) барча ҳаётий синовларга бардош бера олиши учун унга куч ато эт. Унинг Сенга бўлган ишончини ҳеч нарса сусайтира олмасин, бунинг учун хотинимни қўллаб-қувватла. Унга қарши бўлган вазиятдан устун чиқишига ёрдам бер. Айниқса, мен… (хотинингизнинг энг мураккаб муаммосини кўрсатинг) нинг ҳал бўлишини истайман. Хотинимга ёрдам бер, токи у ўзини васвасага солаётган барча нарсадан четга олсин. Мен унга Сенинг қуйидаги каломингни эслатаман: «Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради» (1 Кор. 10:13). «Эгамизга умид боғла, Дадил бўл, юрагингга далда бер, Эгамизга умид боғла!» (Забур 26:14). «Синовга сабр-тоқат қилган одам бахтиёрдир. Чунки у синовдан ўтгач, Раббимизни севувчиларга насиб бўладиган ҳаёт тожига сазовор бўлади» (Ёқуб 1:12). Хотинимга сабр ато эт, токи у ибодат қилгандан сўнг Сенинг жавобингни сабр билан кутсин, унинг барча ишларини муваффақиятли қилгин. У, қачон вазият ўзгараркин, деб кутиб ўтириш ўрнига, ҳар нарсада Сенга умид боғласин. Унинг қалбига фақат биттагина қўрқувни сол. У ҳам бўлса, Сенинг олдингда бўлган қўрқув бўлсин. Ҳар ерда ва ҳар вақтда у ҳаётидан мамнун бўлсин, Сен уни тангликда бир умрга ташлаб қўймаслигингни унутмасин, уни шунга ўргат. «Қўрқувни қувиб чиқарадиган комил севгинг» (қаранг: 1 Юҳ. 4:18) билан уни қамраб ол, унинг қалбида ҳеч қачон қўрқувга ўрин бўлмасин. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Чунки Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган. 2 Тим. 1:7 Севгида қўрқув йўқ, аксинча, комил севги қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишида севги камолотга етмаган, чунки қўрқув жазо тушунчаси билан боғлиқдир 1 Юҳ. 4:18 Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф-хатардан холи бўлади. Ҳикмат. 29:25 Эгамга юз бурдим, У жавоб берди, Ҳамма қўрқувлардан У халос қилди. Забур 33:5 13-БОБ. УНИНГ МАҚСАДЛАРИ Ҳар биримизда қобилият, истеъдод бор. Хотинингиз ҳам қандай қобилиятга эгалигини билиши керак. Бу муҳим, чунки Худо уни хизматга даъват этяпти, у Худонинг инъомларидан фойдаланишни ўргансагина, ҳаётнинг мукаммаллигини ҳис эта олади. Аммо ўзининг мақсадини, Худо даъват қилган ишнинг мазмунини тушунмаса, у хавотирга тушади. Бу аҳвол, шубҳасиз, гарчи билинмаса-да, сиз билан унинг муносабатларингизга таъсирини ўтказади. Албатта турмушга чиққан аёлнинг энг асосий вазифаси — умр йўлдошига яхши рафиқа бўлишдир. Муқаддас Китобда айтилишича: «Яхши хотин эрининг бошидаги тождир» (Ҳикмат. 12:4). Биз, аёллар, эрларимиз фахр билан тақиб юрадиган тож бўлишни истаймиз. Хотинингиз шундай бўлиш учун даъват этилган ва шундай бўлишни истаган аёлнинг феъл-атвори уни шунга етаклайди, шундай бўлиши ҳам керак. Аммо кўпинча шундай бўладики, ҳозирги феъл-атвори тамомила бошқача. Биз мулоқотда оғир, вазмин, мулойим, ёқимли, кучли, бағрикенг, қувноқ ва жозибадор бўлишга интиламиз, яъни биз тасаввуримиздаги мавжуд идеалга энг юқори даражада яқинлашмоқчи бўламиз. Умуман олганда, қандай бўлишимиз керак бўлса, шундай бўлишга интиламиз. Лекин турмушингизда муттасил қайтариб туриладиган хавфли заифлик даврлари бизнинг яхши ниятимизни пучга чиқаради. Биз қанча ҳаракат билан ўзимизда етиштирган фазилатлар бирдан ўйламай айтилган сўзлар ёки хатти-ҳаракат билан барбод бўлиши мумкин. Биз ўзимизнинг ҳақиқий «мен» имиз билан юзма-юз бўлиб қоламиз. Шунда алам, маюслик ҳаётимизни зулматга олиб боради. Келинг, шуни тан олайлик. Келинг, бизлардан биронтамиз ким бўлишимиз керак бўлса, бизни тубдан ўзгартириб, бизни янги шахс қилишга қодир бўлган танҳо Худонинг иштирокисиз ундай бўлолмаслигимизни тан олайлик. Шунга қарамай, биз оилада ажойиб ўзгаришларни қилишимиз учун имконият пайдо бўлади. Чунки биз умр йўлдошимиз билан бир тан тўламиз. Бизнинг бир-биримизга қиладиган ибодатларимиз янги мўъжизакор куч билан тўлиб-тошади. Бироқ бу доим ҳам бўлавермайди. Чунки биз Худодан ёрдам сўраш ўрнига, ўзбошимчалик билан воқеалар ривожига таъсир ўтказишга ҳаракат қиламиз. Бирон инсонни ўзгартириш бизнинг қўлимиздан келмайди. Шу боис инсондан ҳозироқ ўзгаришни талаб қилиш — маънисиз. Ҳаётда шеригини бундай зўрлаш натижасида муносабатлар узилишига олиб келган ҳолатлар кам эмас. Ибодат қилаётиб биз Худодан, инсон қалбида тубдан ўзгаришлар қил, деб сўраймиз. Умр йўлдошимизни тамомила ўзгартир, деб бу муаммони Раббимизга топширамиз. Бу билан Худога нисбатан ишончингизни намоён қилган бўласиз, танлаган вақт ва усуллар доимо мукаммал эканига ишончингизни билдирган бўласиз. Шундан сўнг муаммолар юкидан озод бўласиз ва сиз тинчгина воқеалар ривожини кузатишингиз мумкин. Хотинингиз ҳам Худонинг, ҳам сизнинг таҳсинингизга сазовор бўлишни хоҳлайди. У қандай қилиб сизнинг тожингиз, сизнинг чинакам ёрдамчингиз бўлишни билмоқни истайди. «Бу ишларнинг уддасидан хотиним чиқа олсин», деб ибодат қилинг. Бу орада Худога барча хафагарчиликларингизни, нимадан хавотирланаётганингизни сўзлаб беринг. Ростгўй бўлинг. Хотинингиздан нима кутаётганингизни, сиз хотинингизда кўришни истаган ўзгаришларни Унга айтинг. Мулоҳазаларингизни Худо билан баҳам кўринг. Сўнг Ундан, менинг истакларимни, хотинимнинг имкониятларини энг мақбул ҳолатга келтир, деб сўранг. Сизнинг хотинингиз қанчалик ажойиб уй бекаси, умр йўлдоши, она бўлишига қарамай, унда Худо берган бошқа инъом ва қобилият бор. Бу инъомлар хотинингиз шахсиятининг — Худо яратган шахсиятнинг бир қисмини ташкил этади. Хотинингиз Худо инъом этган инъомлардан фойдаланадими ёки йўқми, бунга қарамай барибир хотинингизда бу инъомлар бор, ҳатто йиллар давомида бу инъомлар унутилган, ҳаётида бошқа нарсаларни муҳим деб билгани учун четга чиқиб қолган бўлса ҳам. Хотинингиз сизни мамнун қилишга тиришиб, ўзини рад этиши керак эмас. Бу жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. «Худо хотинимга мақсадини очиб берсин, ҳаётдаги мақсадига эришиш учун ёрдам берсин», деб ибодат қилинг. Ташвишланманг, бундай ибодат оилангизга хавф солмайди, аксинча, оилангизни мустаҳкамлайди. Хотинингиз ўз инъомларидан Худони шарафлаш йўлида фойдаланиш имконияти бўлгани учун ҳаётдан мамнун бўлса, бундан сўзсиз сиз ютуққа эришасиз. Хотинингиз инъомларини татбиқ этиши учун Худо шундай марҳамат қиладики, у сизнинг умр йўлдошингиз, фарзандларингиз онаси ролини бажаришга халақит бермайди. Худо доим бизнинг инъомларимизни унинг нияти бўйича олиб боришимиз керак бўлган ҳаёт тарзи билан мувофиқ қилади. Хотинингизга Худо берган инъомлар, албатта сизнинг инъомларингизни тўлдиради. Хотинингиз Худо даъват этмаган иш билан шуғулланмаслиги учун ўзининг қобилиятини билиши зарур. Чунки бу муаммо уни умидсизликка тушириши мумкин, охир-оқибат уни тамомила тушкун аҳволга солиши мумкин. Сиз, ахир, голф ўйнайдиган дастангиз билан деворга миз қоқмайсиз-ку! Бундай қилсангиз, буюмдан вазифасига тўғри келмаган иш учун очиқ-ойдин фойдаланган бўласиз. Голф дастаси синади, уни тўғрилаш имкони бўлмайди. Хотинингиз ўзи даъват этилган ишни билмаса, боши билан деворни уриб тешишга ҳаракат қилиши мумкин. Охир-оқибат у ўзини лоқайд ҳис этадиган бўлади. Унинг қалбида адоват сукут сақлаб, охири ўзини намоён қилади ва норозилик юрагида ўрнашади. Аёлларнинг бир хусусияти бор: уйга ва фарзандларга боғланиб қолиб, вақтларини бой бериб, Худо мен учун тайёрлаб қўйган вазифани бажармаяпман, деб ҳисоблайди. Лекин ундай эмас. Аслида Худо унга топширган оиланинг тўғри вазифасини бажаряпти, Худо ўзига даъват этган хизматни олиб бормоқда, Худо олдига қўйган мақсад томон бормоқда. У ҳатто вақт тарафдан жуда чекланган бўлса-да, ўз вазифасини бажариши учун имконият бор. Агар хотинингиз кундалик уй ишларида, оила ташвишларида ўзини намоён қилиш имкониятини кўрмаса, демак, у Худо режасига мустақил ҳолда эришишга ҳаракат қиляпти. Фақат Худо унга буни очиб бериши мумкин. Шу боис хотинингизнинг вазифасини тушуниши учун биринчи қадам, мен Худога бутунлай боғлиқман, деган эътирофи бўлиши керак. Унга бу ишда сизнинг ибодатларингиз ёрдам бериши мумкин. Хотинингиз Худонинг ижоди сифатида бўлиши керак. Бунинг учун унга аввал сизнинг севгингиз ва далдангиз зарур. Ер юзидаги инсонлар орасида энг ажойиб, энг машҳур, энг гўзал, энг омадли, энг қобилиятли, энг маъқул, исталган, шубҳасиз, мустақил аёлдир. Бунга қарамасдан, хотинингизни эр сифатида севишингизни, қадрлашингизни исботланг. Бунга у жуда муҳтож. Агар у бу исботларни топмаса, сўлиб бораверади, четдан бўлган ҳар қандай хушомадлар унга тасалли беролмайди. Сизнинг ибодатларингиз — унга қарата айтилган сўзлар, сизнинг назоратингизда у бебаҳо эканлигини ўзи очиб беради. Фақатгина сизнинг севгингиз, унинг шахсиятини қадрлашингизга исбот унинг ҳаётини мамнунли қилишга қодир. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Хотинингиз эришиши керак бўлган қандай мақсадни Худо белгилаганини тушуниши учун; • Ўзидаги инъом ва қобилиятларни билиши учун; • Худо маъқул топган хотин бўлиши учун; • Мақтов ва эҳтиромга лойиқ хотин бўлиши учун; • Сизга керакли хотин бўлиши учун; • Бошқа одамларга ёрдам бериш орқали ўзидаги қобилиятни намоён қилишни билиши учун; • Худонинг мақсадини бажо келтириши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Композитор Майкл Хэрритон сўзлайди. У хотини Терри билан оила қурганларига 23 йил бўлди. Яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтидан, ҳукм дарахти мевасидан татиб кўриш васвасаси бизни нақадар кўп таъқиб қилади! Биз хотинларимизнинг камчиликларига берилиб, диққат килганимизда, ўзимизни нақадар ақлли, зукко деб биламиз! Бироқ Худо ҳеч кимни мукаммал қилиб яратмаган. Худо, эркак ва аёл бир-бирини тўлдирсин, деб улар ўртасидаги фарқлардан фойдаланади. Масалан, мен хотинимни ортиқча ҳиссиётли эканлиги учун қоралаш ўрнига, Худо уни ҳаётимда аслида нима содир бўлаётганини аниқ қилиб кўрсатадиган «сезгир барометр» қилиб яратганини эслайман. Мен доимо унинг фикрига эътиборлиман, дея олмайман, бироқ вақтида унга қулоқ сола олмаганимдан доимо афсусланаман. Яқинда Терри ўзига шубҳали кўринган бир битимга эътиборимни тортди. У мен кўра олмаган хавфни сезди. К ноҳақ эканлигига ишончим комил эди. Шуни тан олишим керакки, мен Худога, хотинимга ноҳақ эканлигини кўрсат, деб ибодат қилдим. Лекин ғайриихтиёрий равишда: «Агар мен ниманидир тушунмаган бўлсам, менга донолик етишмаётган бўлса, бу битим амалга ошмасин», деб ибодат қилдим. Икки кундан сўнг хотиним ҳақ эканини тушундим. Агар мен унинг огоҳлантиришига қулоқ солмаганимда, оқибати қайғули бўларкан. Бундай ваҳий баъзида, хотинларимиз имонда ўссин, деб қилган ибодатларимизга кутилмаган марҳамат бўлади. Мен Худодан шуни илтижо қилиб сўрайманки, хотиним Худо берган барча инъомлардан юқори унум билан фойдалансин (мен яна эркакларга хос калтабинликдан халос бўлишим учун ибодат қиламан). Ибодат Эй Раббим! Сен хотинимга (хотинингизнинг исми) Сенинг улуғворлигинг учун ишлатадиган махсус қобилият ато қилганингни биламан. Худойим, унга бу инъомни кўрсат. Мен унга қандай қилиб бу инъомларни намоён қилай, бу соҳада қандай ёрдам берай — менга аён қил. Сенда у учун махсус улуш борлигини ўзига аён қил, Сен фақат унинг ўзи бажара оладиган вазифани тайёрлаб қўйганингни кўрсат. Сенинг ниятингни тушунишга ёрдам бер, унга олға босиш, даъват қилган хизматда қобилиятини намоён қилиш имкониятини ато қил. Эй Раббим, Сенга илтижо қиламан: Сенинг ниятинг аниқ вақт чегараларига эга эканлигини хотиним тушунишига ёрдам бер. Гарчи у Сенинг ниятинг тифсилотларини билмаса-да, у ҳаётининг барча жабҳасида Сени кўпроқ излагани сайин, Худойим буни бажаради, деган ишончни унга ато қил. Эй Раббим, хотиним (хотинингизнинг исми) қандай кўришни маъқул кўрсанг, у менга қандайлигича керак бўлса, шундай бўлсин, деб ибодат қиламан. Ҳаммасидан ҳам мен… (сизни ташвишга солаётган муҳим муаммони айтинг) ни ҳал қилишингни сўрайман. Хотиним мендан нима кутяпти — шуни менга очиб бер. Биз мураккаб шароитда бир-биримизни тўлдиришимизга, биз бир-биримиздан кучимиздан ортиғини талаб қилмаслигимизга ақл-идрок бер. Биз бир-биримиз тўғримизда ҳақиқатдан йироқ бўлган тасаввурлардан халос бўлайлик, барча умидларимизни Сенга топширайлик. Биз бир-биримизда Сен инъом этган қобилиятни кўра билишимизга, уларни ривожлантиришимизга ёрдам бер. Менга берган умр йўлдоши учун Сендан миннатдорман, Раббим (қаранг: Ҳикмат. 19:14). У ўз ролини ўйнай олиши учун, Ўзингни мукаммал мақсадингни бажо келтир. Бошқа одамларни марҳаматлаш учун унинг инъоми ва қобилиятидан фойдалангин. Унинг ҳаёти чиндан ҳам тўлақонли бўлсин. Унинг ҳаётини Ўзинг қўйган якуний мақсадинг билан мувофиқлаштир. Мен уни «ҳовли ичра ўтқазилган серҳосил ток новдаси» га тенглаштираман (қаранг: Забур 127:3) ва унга «Фаросатли аёллар кўп, аммо сен ҳаммасидан аълосан», дейман (Ҳикмат. 31:29). Унга яна қуйидаги ўгитларни йўллайман: «Айни равишда сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар» (Матто 5:16); «Сенга У кўнглинг истаганин инъом қилсин, Ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин» (Забур 19:5). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Мен Раббимиз Исога бўлган эътиқодингиз ва бутун Худо азизларига бўлган муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан буён, доим сизларни ибодатларимда эслайман, тинмай Худога шукроналар айтаман. Раббимиз Исо Масиҳнинг Худоси, улуғвор Падар, Ўзини таниб-билишингиз учун сизга ҳикмату ваҳий руҳини ато этсин. Унинг Ўзи сизларнинг кўнгил кўзларингизни ёруғ қилсин, токи У сизларни нақадар улуғ бир умидга чорлаганини билиб олинглар, Ўз азизларини қанчалик бой ва улуғвор бир меросга сазовор қилганини қадрланглар. Биз, имонлиларга таъсир ўтказаётган Худонинг ҳадсиз-поёнсиз куч-қудрати буюклигини ҳам билиб олинглар. Эфес. 15–19 Чунки Худонинг инъомлари ва даъвати ўзгармасдир. Рим. 11:29 Худо бизларни қутқарди ва муқаддас бир даъват билан чақирди. Бунга биз савоб ишларимиз туфайли эришмадик. Аксинча, Худо Ўз хоҳиши билан азалий вақтларданоқ Исо Масиҳ орқали бизга иноят қилишга қарор қилган эди. 2 Тим. 1:9 Худо ҳамма нарсани Ўз хоҳиши бўйича бажаради. У биз учун ҳам Ўзининг орзу-ниятини амалга ошириб, бизни Масиҳ орқали азалдан танлади ва самовий меросдан баҳраманд қилди. Шундай экан, Масиҳга аввалдан умид боғлаган бизлар Худонинг шон-шарафини ошириш учун яшашимиз лозим. Эфес. 1:11–12 14-БОБ. УНИНГ ИШОНЧИ Хотинингиз сизга ишонмаётганини қачондир ҳис этганмисиз? Балки моддий маблағ масаласида ишонмагандир. Балки, иш муҳим қарорларни қабул қилишга келиб тақалгандир. Эҳтимол, у сизнинг Худо овозига қулоқ солиш қобилиятингиздан шубҳаланаётгандир? Ёки сизнинг садоқатингиз масаласида сиз билан бирга ишлаётган дилбар аёл туфайли юз бергандир? Агар шундай воқеа юз берган бўлса, сизга хотинингизнинг ишонмаслигига сабаб — сизга ишонишни истамаганида эмас, балки ўтмишида кимдир унинг ишончини суистеъмол қилганидадир. Бунинг сабабчиси сиз бўлишингиз шарт эмас, унинг отаси ёки биринчи эри ё дўсти бўлган бўлиши ҳам мумкин. Балки, сизнинг қандайдир хатти-ҳаракатингиз ёки қандайдир вазиятда қилган сусткашлигингиз, ҳатто сиз хаёлингизга келтирмаган қандайдир нарса унинг сизга бўлган ишончига путур етказгандир. Ёки ўтмишда у қандайдир инсонга ишонгану аммо ҳаётида даҳшатли воқеа содир бўлгандир. Балки, унинг Худо билан алоқаси ҳали етарли даражада мустаҳкам эмасдир. Худо ишончига лойиқ, содиқ эканига ҳали имони комил эмасдир. Нима бўлишидан қатъий назар, Худодан, ҳар икковимизга ҳақиқатни очиб бер, деб сўранг. Сиз ўзингиз тўғрингизда кўп яхши ва кутилмаган нарсаларни — фақатгина ибодат билан тузатиш мумкин бўлган нарсаларни билиб олишингиз мумкин. Шуни билишингиз керакки, эр оиланинг учта асосий соҳасида ишончга лойиқ бўлиши керак. Эр бу талабларнинг биттасига бўлса-да, тўғри келмаса, хотинининг ҳамма ишончини барбод бериши мумкин. Бу талаблар қуйидагилар: 1. Хотинига ва оиласига бутунлай садоқатлилик Эр-хотиннинг хиёнатидек бирон нарса ишончга путур етказмайди. Агар аёл қачондир алданган бўлса, бу албатта унинг бутун бир ҳаётига таъсир ўтказади. Аёл кечириши мумкин, бироқ унутиш — унинг кучидан устун. Муносабатларни тиклаш кўп вақт талаб этади ва Худонинг аралашувига муҳтож. Ҳатто эр ҳеч қачон ножўя хатти-ҳаракат қилмаган бўлса-да, унинг бошқа аёлларга эътибори хотинини хавотирга солади, эрига ишончи йўқола бошлайди. 2. Оилани моддий таъминлаш масъулияти ва маблағни донолик билан сарфлаш қобилияти Эр хотинини қанчалик севмасин, унга қанчалик яхши муносабатда бўлмасин, агар у оиласини моддий таъминлаш масъулиятини бажармаса, хотиннинг эрига бўлган ишончига путур етади. Агар эркак киши доимий иш жойига эга бўлмаса, гарчи улар оила қуришдан аввал келишмаган бўлса-да, оилани хотин таъминлаётган бўлса, оилани муҳтожликда яшашга мажбур қилиб, ишламаса ёки эр қиморбоз бўлса, шундай ҳодисалар содир бўлади. 3. Хотини ва фарзандларига меҳрибон, ҳурматли муносабатда бўлиши Мен эрларига ишонмайдиган аёллардан кўпини биламан, чунки уларнинг эрлари хотинига ва фарзандларига тўғри муносабатда бўлмайдилар. Ҳатто эр хотинига садоқатли бўлиб, оиласини таъминлаб турса ҳам, қачон ғазаб оловида ёниб, арзимаган баҳоналар билан оғзидан ҳақоратлар отилиб чиқишини хотин билмайди. Агар эр санаб ўтилган ҳамма даражалар бўйича ишончга лойиқ бўлса, хотини бошқа кўп вазиятда ҳам унга ишониши осон. Бироқ оилада ишонч иккала томонда ҳам бўлиши керак. Агар жуфтнинг бири бошқасига ишонмаса, ёки ишонишни истамаса, Худо улар учун тайёрлаб қўйган неъматларга иккови ҳам лойиқ бўла олмайди. Шунинг учун сиз хотинингизга ишона олишингиз учун ибодат қилишингиз керак. «…Эри унга юракдан ишонади…» (Ҳикмат. 31:11). Одатда эр-хотинлар орасидаги адоватнинг илдизи уларнинг бири иккинчисига бўлган ишончнинг етилмаслигидадир. Эр ва хотин фа қат ўзларини Худога боғлаб турадиган умумийликни топибгина бу ҳолатдан чиқиб кетишлари мумкин. Худо ҳар икковининг ҳаётида қилаётган ишларни ўзлари кўриб, Худога бутунлай ишонишлари мумкин. «Оиланинг боши бўлиб тўғри қарорлар қабул қилай, менга донолик это эт», деб Худодан сўранг. Хотинингиз сизга ишонмагани учун қарорларингизнинг тўғрилигига шубҳаланаётгани йўқ, балки у кўпроқ Худога ишониши учун шунга аминки, ҳаётингиздаги маълум қийинчликларни фақат у билади. Сиз Худодан донолик сўраб, Унинг иродасига мувофиқ равишда қарор қабул қилишингизни хотинингиз истайди. Сиз қарор қабул қилаётганингизда, оилангиз келажагини ёрқин тасаввур қилаётганингизга хотинингиз ишониши керак. «Хотиним менинг Худога бўлган ишончимни билсин», деб ибодат қилинг. Бундай ҳолда Худо сиз орқали ишлаб хотинингизнинг манфаатини ҳисобга олаётганингизга, хотинингиз ҳақида ҳам ғамхўрлик қилаётганингизга ишончи мустаҳкамланади. Бу муаммоларнинг ечими ҳақида ибодат қиларкансиз, сабрли бўлинг. Ишончни йўқотиш осон, аммо тиклаш қийин. «Шундай экан, яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз» (Гал. 6:9). Худо албатта сизга жавоб беради. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингиз Худога бутун қалби билан ишониши учун; • сизга бутунлай ишониши учун; • унинг ишончига путур етказганларнинг ҳаммасини кечириши учун; • сиз унинг ишончига лойиқ эр бўлишингиз учун; • хотинингиз ҳаётингизга амал қилаётган Худога ишониши учун; • хотинингиз сизнинг ишончингизга лойиқ бўлиши учун; • хотинингизнинг имони сусаймаслиги учун ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Кўчмас мулк бўйича агент Родни Жонсон сўзлайди. У рафиқаси Валери билан оила қурганларига 18 йил бўлди, учта фарзандлари бор. Ишонч… Қанчалик ихлос билан биз унга эришишни истаймиз ва осонликча уни йўқотамиз. Лос-Анжелесда риэлтер бўлиб юрганимда, мен бир неча бор энг кутилмаган вазиятга тушиб қолган эдим. Бир куни бир эр-хотин менга шунчалик ишонишдики, менинг номимга 30 000 $ га чек, улар бўлмаган вақтда агар топилиб қолса, 1 000 000 $ турадиган уйни сотиб олишимга ишонч қоғозини ёзиб беришди. Ўзлари эса уч ҳафтага дам олгани кетишди. Аксинча ҳолат ҳам бўлган. Бир мижозим бор эди. У асли АҚШдан эмасди У икки уйидан бирини сотолмаган, шубҳали бўлиб чиққан эди. Эркаклар, хотинингиз ҳозиргина мен сўзлаб берган эр-хотинга ўхшаб, ўзини тутишини истайсизми? Орқа-ўнгини суриштирмасдан сизга маблағ бошқарувчилигини, яшаш жойи ҳақида ғамхўрлик қилишни ишониб топшириб, ўз орзуси ортидан саёҳатга кетишини истайсизми? Биз эса кўпинча ўзимизни иккинчи ҳикоямнинг қаҳрамони шубҳали мижоздек тутамиз. Ҳар нарсадан, ҳаммадан шубҳаланамиз. Агар аёл эркаклардан шубҳаланса, демак, у ишонган қандайдир эркак унга хиёнат қилган. Мен хотиним учун ибодат қилишни бошлаганимдан буён, биз бир-биримизга кўпроқ ишона бошладик. Эркаклар, шуни билингки, аёллар: «Бу одамга ишонсам бўладими, йўқми?» деб билишни истайдилар. Феминистлар ҳаракатига қарамасдан, аёллар барибир ёнларида ишончли эркак-лидерни кўришни хоҳлайдилар. Шунинг учун хотинингиз сизга кўпроқ ишона бошлаши учун ибодат қилинг, ўзингиз ҳам унинг ишончига янада лойиқ бўлиш учун ибодат қилишни унутманг. Масалан, сиз хотинингиздан бемаслаҳат оила бюджетидан пул сарфлаган бўлсангиз, сиз бу соҳада унинг ишончини йўқотдингиз. Ишончни қайтариб олишингиз учун хотинингиз олдига тавбакор қалб, ўзингизнинг нолойиқ хатти-ҳаракатларингизга барҳам берганингизни кўрсатадиган тайёр иш режаси билан келишингиз керак. Ниҳоят, шуни унутмангки, хотинингиз ва фарзандларингиз сизда Самовий Отанинг тимсолини кўрадилар. Агар оила аъзоларингиз сизга ишонсалар, улар осонгина Худога ҳам ишонадилар. Ибодат Эй Раббим! Хотиним (хотинингизнинг исми) менга ҳар томонлама ишонишига ёрдам беришинг учун Сенга ибодат қиляпман. Ҳаммасидан ҳам кўпроқ у менинг ҳаётимда ва мен орқали амал қилувчи Сенинг Муқаддас руҳингга ишонишини хоҳлайман. Мен нима билан унинг ишончини оқлай олмаганимни менга аён қил, мен буни гуноҳ сифатида Сенинг олдингда эътироф этаман. Мен буни бошқа ҳеч қачон такрорламаслигимга ёрдам бер. Мени унинг ишончига лойиқ қилгин. Мен Сен билан бирга бўлиб, хотинимнинг ишончига лойиқ бўлишим учун кучим борича ҳаракат қилишим, уни ишонтира олишимга мени ўргат. Агар қачондир мен уни ишончимдан ноҳақ маҳрум этган бўлсам, унга ҳақиқатни очиб бер. Агар унинг ишонмаслигига сабаб бошқа кимнингдир азоб бергани бўлса, у озод бўлиши учун ўша одамни кечиришимга ёрдам бер. Сендан илтимос қиламан: хотиним ўтмишидаги омадсизликларини мен билан боғламасин, мендан худди шуни кутмасин. Айниқса (нимага ишонч етишмаса, шуни айтинг), учун ибодат қиламан. Биз бир-биримизга нисбатан ўзимиз бузган ишончни қайта тикла. Бизнинг ҳар иккаламиз Сенга ишонишимизга ёрдам бер, Раббим. Ўтмишдаги бошқа аёллар билан қилган гуноҳли муносабатлар ва ришталарни узиб ташла. Шу билан бирга, хотинимнинг ўтмишидаги бошқа эркаклар билан гуноҳли алоқалари ва ришталарини узиб ташла. Ҳаётимизда ўрин олган, Сени улуғламаган барча алоқалар учун тавба қилишимга ёрдам бер. Раббим, Сендан илтижо қилиб сўрайман: шундай қилгинки, хотинимнинг менга нисбатан ишончи чексиз бўлсин. Мен унинг мулоҳазалари, қобилияти, садоқати, қарорларига ишонмаган вазиятни менга кўрсат. Хотиним ишончга лойиқ шахс бўлишига ёрдам бер, мен эса унга ҳар нарсада ишонай. Сен мендан мамнун бўлишинг учун оилада руҳий йўлбошчи бўлишимга ёрдам бер. Имонимизни мустаҳкам қил, чунки мен шуни биламанки, Сен Ўзингга умид боғлаганнинг қалқонисан (қаранг: Ҳикмат. 30:5). Бугун мен икковимизнинг номимиздан шуни эълон қиламан: Сен бизнинг бошпанамиз, қасримизсан, умидимиз фақат Сендан (Забур 90:2). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Худонинг йўли комилдир, Эгамнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир. 2 Шоҳ. 22:31 Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳикмат. 3:5 Севинсин Сенда ҳамма паноҳ топганлар, Тоабад шодликдан улар куйласин. Уларни Сен ҳимоя қилганинг учун, Сени севганлар севинч-ла жўшсин. Солиҳга Сен марҳамат қиларсан, эй Эгам! Сенинг ҳимматинг қалқондай уларни ҳимоя қилар. Забур. 5:12–13 Шаҳзодаларга ишонгандан кўра, Эгамиздан паноҳ сўраш афзалдир. Забур 117:9 Зулматда юрганлар, нурдан маҳрумлар Эгамизга умид боғласин, Ўзининг Худосидан умид қилсин! Ишаё 50:10 15-БОБ. УНИНГ ХАВФСИЗЛИГИ Америка футболи қоидасида ўйинчи олдига қўйилган вазифани бажариш имкониятига эга бўлган ҳолда, ўйинчини рақибининг ҳужумидан ҳимоя қилиш олдиндан кўзлаб қўйилади. Ўйинчи коптокни ё ҳужумчига, ё орқага ё бўлмаса, мустақил ҳолда коптокни дарвозага олиб бориши учун шериклари ўйинчини ҳимоя қилиб туради. Хотинингиз хавфсизлиги ҳақидаги ибодатларингиз ҳам худди ўйиндаги сингари амал қилади. Ибодатларингиз хотинингиз атрофида ҳеч қандай душман ҳужумлари ўта олмайдиган мустаҳкам ҳимоя деворини барпо қилади. Бунинг натижасида хотинингиз ўз вазифаларини хотиржам, ишонч билан бажара олади. Душман унга қарши қандай ёвузликни ўйлаб юрган бўлмасин, режасини амалда қўллай олмай, муваффақиятсизликка учрайди. Шунинг учун хотинингиз ёвуз руҳлардан таркиб топган ҳужумнинг улкан тизими олдида ёлғиз қолганда, сиз капитан сифатида ибодат қиласиз. Фаришталар лашкарини чорлаб, хотинингиз дарвозага заррача зарар кўрмай ўтиб келаётганини кузатасиз. Ҳозир, фарзандларим вояга етган. Мен китобларимнинг тақдимоти билан мамлакат бўйлаб кўп саёҳат қиламан, одамлар билан куп мулоқот қиламан. Лекин эрим менинг бехатар бўлишим тўғрисида ибодат қилмаганда эди, ҳеч қаёққа кетишга рози бўлмаган бўлардим. Мен ҳатто унинг маъқуллашисиз, қўллаб-қувватлашисиз йўлга чиқишга журъат қилмаган бўлардим. Эрим шаҳардан кетишига тўғри келиб қолса, у оиламизда бирон кўнгилсизлик содир бўлмаслиги учун ибодат қилади (мен ҳам худди шундай қиламан: бироқ бу ҳақда бошқа китобимда гаплашамиз). Бугунги кунда ҳақиқатан хавфсиз деб аташ мумкин бўлган жойлар кўп эмас. Ҳатто ўз уйимизда ҳаётимизга ёвузликнинг кириб келишидан ҳимояланмаганмиз. Мен куппа-кундуз куни банкдан уйга қаётаётганимда, уйидан бир неча квартал нарида йўлда аварияга учраб ҳалок бўлган бир одамни биламан. Қизини якшанба машғулотидан олишга отланиб, машинасини қўшни уйнинг олдига қўяётганда, безорилар талон-тарож қилиб, ўлдирган аёлни ҳам биламан. Мен оиласи учун у-бу харид қилишга кетаётганда ўлдирилган, машинаси эса туш вақтида супермаркет олдидаги машиналар тўхташ жойидан ўғирланган яна бир аёлни биламан. Биз ўзимизга қадрли бўлган одамларнинг хавфсизлигига ишончимиз комил эмас. Бахтсиз воқеалар кутилмаганда содир бўлади. Хотинингиз учун қилаётган ибодатингиз, у учун улкан тасалли бўлиши мумкин. Шу билан бирга, хотинингизнинг соғлиғи учун қилган ибодатларингиз ҳам муҳим. Аёллар танасини парвариш қилиши осон эмас. Бу иш осон кечган аёлни мен билмайман. Уларнинг кўплари ҳаётининг бу томонига очиқдан-очиқ эътиборсизлик қиладилар. Агар сизга орзуингиздаги автомобилни совға қилишганда, сиз автомобилингизга яхши қараган бўлармидингиз? Наҳотки сиз учун лозим даражадаги хизмат ҳақида ўйламаган бўлардингиз? Гаражга яқинлашаётганингизда: «Бу автомобилга қараб, вақтимни кетказиб нима қиламан», деган бўлармидингиз? Менимча, бундай қилмаган бўлардингиз. Хотинингиз ҳам танаси ҳақида ғамхўрлик қилишга эътиборсизлик қилса, худди шундай йўл тутган бўлади. У минглаб баҳоналарни топиши мумкин, масалан, «вақтим йўқ, хоҳламайман» деб. Балки бу тўғри эмасдир, бироқ сизнинг ибодатларингиз унга бу юмушлар учун вақтни ҳам, хоҳишни ҳам топишига ёрдам беради. Соғлиқ ҳақида ғамхўрлик ва танани парвариш қилиш оддий иш эмас. Атрофда шундай хиддиятли маълумотлар кўпки, баъзида аёллар ҳаммасидан воз кечиб, ширинликлар дўконига бориб барчасини унутишни истаб коладилар. Лекин сизнинг ибодатларингиз хотинингизга Худонинг овозини эшитишга ёрдам бериши билан бирга, унга ижобий таъсир ҳам ўтказади. Хотинингиз билан автомобиль ўртасида яна ўхшашлик топишимизга ижозат беринг (мен бу ўхшатишдан яна шунинг учун фойдаланяпманки, автомобиль терминологиясини ишлатса, эрим мени яхшироқ тушунади). Сизнинг ибодатларингиз хотинингизга «ҳаракатланадиган қисм»ини тўғри баҳолашга ва унинг ҳолатини жозибали кўринишда сақлашга ёрдам беради. Хотинингиз ўз «мотор» идан тўғри фойдаланишга ўрганади. Сизнинг ибодатларингиз хотинингизга оқибатда шуни англашга ёрдам берадики, машина ишлатилишга яроқсиз бўлиб қоларкан, шунинг учун «техник кўрик»ни кутмасдан, ҳайдовчилар учун кўрсатмлар бўйича «хизмат маркази»га доимо қатнаши керак экан. Хотинингизнинг хаёлида: «Мен эски харобаман, мен ремонтга лойиқ эмасман», деган фикрлар келмаслиги учун ибодат қилишингиз зарур. У сизнинг қўллаб-қувватлашингизга доим муҳтож. Лекин бу ўринда оддийгина суҳбатлар ёрдам бермайди. Автомобилни ремонт қилиш ўрнига унга бақиришдан маъно нима?! Худди шу гап хотинингизга ҳам тааллуқли. Агар у лозим даражада ўзини парвариш қилмаса, истамагани учун қилмаётгани йўқ, балки қандай қилиб тўғри қилишни билмайди ёки ўзидаги бу эҳтиёжни англамайди, ё ўзини етарли даражада қадрламайди, ё банд ёки ўзини доимо яхши кўринишда сақлашни ўта оғир иш деб ҳисоблайди. Сиз Худодан хотинингизнинг бу юмуши учун ёрдам сўрашингиз керак. Хотинингизга шундай деб айтинг: «Ўзинг ҳақингда ғамхўрлик қилишингга куч ва истак туғилиши учун зарур билим, доноликка эга бўлишинг учун, мен сен учун ибодат қиламан», деб айтинг. Сиз хотинингизда Худодан бўлган энг қимматли инъомни кўраётганингиз учун, инъом қадрсиз бўлмаслиги учун хотинингиз учун ибодат қилмоқдасиз. Агар сиз автомобилнинг эскирган моделига эга бўлсангиз, унинг бутунлай тикланиши учун яна ибодат қилиш зарур. Агар хотинингизнинг соғлиғи билан боғлиқ қандайдир муаммолар бўлса, Худодан, унга шифо бер, деб сўранг. Эрим охирги 30 йил давомида турли хасталиклардан халос бўлишим учун ибодат қилган. Бироқ бир куни эримнинг ҳаётида қизғин ибодат қилиш маҳали келди. Бу бир неча йил аввал ичимда нимадир ёрилиб кетгандек ҳис қилганимда юз берди. Мени шундай даҳшатли оғриқ эздики, мен дарҳол тушундим: агар тезкор чораларни қўлламасам, ўламан. Кечаси соат уч эди. Мен: «Эй Раббим Исо! Менга ёрдам бер!» деб инграб ётганимда, Майк бир ўзи мен учун ибодат қилди. Менинг шифо топишим ҳақидаги эримнинг ибодатини Худо эшитадими, йўқми — ҳаётим тамомила шунга боғлиқ эди (Майкл бу ҳақда бобнинг охирида сўзлаб беради). Бизнинг ҳеч қандай ҳаракатларимиз, энг кучли саъй-ҳаракатларимиз ҳам бизга ҳаётимиз охиригача соғлиғимизни таъминлаб беролмайди. Ҳатто футбол гуруҳининг энг яхши ҳимоячиси бир куни соғлиғи туфайли майдонга чиқа олмаслиги мумкин. Худо буни билган ва бизга Шифокорни — Исо Масиҳни юборган. Шунинг учун Худодан хотинингизни шифолашини сўранг, жавоб олмагунингизга қадар ибодат қилишда давом этинг. Гап соғлиғимиз ҳақида кетаётганда, биз чекинмаслигимиз керак. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Худо хотинингизнинг танасини ҳимоя қилиши учун; • Худо унинг онги ва қалби соғлиғини асраши учун; • сизнинг хотинингиз ғайратли ва кучли бўлиши учун; • унинг иммунитети кучли бўлиши учун; • унда ўзи ҳақида ғамхўрлик қилиш истаги бўлиши учун; • у доимо яхши кўринишда бўлиши учун; • у доимо ва ҳар ерда Худонинг ҳимояси остида бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Хотинимда ажойиб имконият — саёҳат қилиш имконияти бор. Бироқ самолётда учаётганда, бу жойдан бошқа жойга кўчаётганда, уни пойлаб турган хавфни ўйлаб, доимо қўрқувдан титраб кетаман. У шароити яхши бўлмаган меҳмонхоналарда туришга, сифатсиз таомларни тановул қилишига, кўп вақтини оёқда ўтказишига, ўз ишини кўнгилдагидай бажариши учун ташвишланишига тўғри келади. Мен ҳам хотинимга боғлиқ бу ҳодисалардан ташвишга тушаман. Лекин менда хотиним учун ибодат қилишдан бошқа чора йўқ: у кетгунига қадар ҳам, сафарда бўлган вақтида ҳам. Лекин хотиним ҳатто уйда бўлганда ҳам, ибодатнинг муҳимлигига мен ишонч ҳосил қилдим. Ўшанда — тунги соат учда оғриқдан букчайиб ётган Стормининг даҳшатли қичқириғидан уйғониб кетганимда ибодатим ҳеч қачон бунчалик заруратга айланмаган эди. У, ичимда нимадир ёрилиб кетди, деб айтди. Мен шуни биламанки, Сторми ҳеч қачон майда-чуйда нарсаларга нолимайди. Шунинг учун қандайдир даҳшатли воқеа юз берганини тушундим. Вазият шунчалик тезкорликни талаб қилар эдики. Биз ҳатто тез ёрдамнинг келишини ҳам кутиб ўтирмадик. Мен Стормининг оёқ кийимларини қидириб, пальтосини кийдиришга уринардиму аммо ўзим титрар эдим. Қизим Аманда икковимиз оғриқдан букчайиб олган Стормини машинагача олиб бордик. Мен Стормига ҳеч қандай ёрдам беролмас эдим. Мен шифо ҳақида етарли даражада ибодатларни биламан. Ўша зоҳотиёқ шифокорлар дарҳол у билан машғул бўлишлари учун чин дилдан ибодат қилдим. Биз етиб келдик, мен дарҳол қабулхонага югуриб кетдим. Худога шукрки, ҳамшира ўз жойида экан. Биз Стормини текширишга олиб бориш учун замбилни машинага яқин олиб бордик. Бир қатор текширишлардан кейин уни хирургия бўлимига ўтказдилар. Мен ҳеч қачон ўша тундагидек бунчалик қизғин ибодат қилмаганман. Ҳаёт-мамот олдида бизнинг шафоат ибодатимиз янгича маъно касб этади. Мен ҳеч қачон, хотинимнинг хавфсизлиги учун доимий ибодатларимнинг кучини ва маъносини ўша вақтдагидек ҳис этмаганман. Ўша тунда мен бир неча йил мобайнида қилган ибодатларимнинг ҳаммасига жавоб олдим. Сторми шу вақтда саёҳатда бўлганда ёки китобхонлари билан навбатдаги учрашувни ўтказаётган бўлганда-чи? Унинг хавфсизлиги учун қилган ибодатларим туфайли Худо иноят кўрсатди ва шундай бўлдики, у ўша вақтда уйда бўлди. Ибодат Эй Раббим! Сен хотинимни (хотинингизнинг исми) ҳар қандай бахтсиз ҳодисадан,ҳар қандай хасталиклардан, ёвуз одамларнинг таъсиридан ҳимоя қилишингни сўрайман. Ундан ҳар қандай балони узоқлаштир. Раббим, Сен Ўз Каломингда: «Фосиқ кишилар солиҳни кузатиб уни ўлдирмоқ учун пойлайдилар. Эгам улар қўлига солиҳни топширмас» (Забур 36:32–33), деб айтгансан. Хотинимни фосиқ одамлардан ҳимоя қил. Сендан илтимос қиламан: у чуқур сувлардан ўтаётганда, Сен у билан бўлгин; у дарёлардан ўтаётганда, сувлар уни ғарқ қилмасин; оловдан ўтаётганда, у куймасин; аланга уни ёндирмасин (қаранг: Ишаё 43:2). Ибодат қиламан: у (хотинингизнинг исми) «Балолар қайтмагунига қадар, қанотларинг соясида паноҳ топсин» (Забур 56:2). Эй Раббим, хотиним (хотинингизнинг исми) ўзининг танасига, Сенинг Руҳинг яшаётган Маъбаддек муносабатда бўлишига ўргат: уни ўзи ҳақида тўғри ғамхўрлик қилишига, шу ўринда тўғри овқатланишига ўргат. Жисмоний машқлар билан доимий равишда шуғулланиши учун унга сабр-қаноат бер. Кучни тиклашга ёрдам берадиган яхши уйқунинг муҳимлигини тушунишим учун унга ёрдм бер. Сен унинг қадамларини тўғрилаш учун доимо унинг ёнида эканлигингни англашига ёрдам бер. Унга қарши қаратилган ҳеч қандай қурол муваффақиятга эришмасин (Ишаё 54:17). Уни Ўз паноҳингда асра, унга ҳеч қандай бало яқинлашмаслиги учун душмандан халос эт. Сенинг фариштанг уни барча йўлларида сақласин (қаранг: Забур 90:11). Мен хотинимга айтаман: «Сени У патлари остига олур, Унинг қанотлари остида паноҳ топурсан, Садоқати билан сенга қалқон, девор бўлар. Шунда қўрқмассан туннинг ваҳимасидан, Қўрқмассан кундузи учган ўқдан, Зулматда билдирмай келадиган вабодан, Қоқ пешинда қирғин келтирувчи ўлатдан. Мингтаси чап ёнингда йиқилиб қолур, Ўн мингтаси ўнг ёнингда йиқилиб қолур, бу кулфатлар сенга яқин келмайди» (Забур 90:4–7). Сен хотиним (хотинингизнинг исми) ни бу кунда қанотларинг соясига олиб, осойишта уйқу бераётганингдан миннатдорман. Чунки, эй Эгам, Сен унинг хотиржамлигига посбондирсан (қаранг: Забур 4:9). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Эгам — менинг қоям, қалъам, қутқарувчим. Худодир менинг қоям, Ундан паноҳ топаман. Удир менинг қалқоним, қудратли қуролим, қўрғоним. Эгамга илтижо қиламан, ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар! Забур 17:3–4 Агар Эгамизни ўзингнинг паноҳинг қилсанг, Худойи Таолони қўрғонинг қилсанг, Бошингга бирон бахтсизлик келмас, Бирон фалокат чодирингга йўламас. У сен тўғрингда фаришталарига амр берар, Фаришталар ҳамма йўлларингни қўриқлар. Фаришталар қўлларида сени кўтариб борар, Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин, дея. Забур 90: 9–12 Мен сенга малҳам қўйиб, яраларингга шифо бераман. Ерм. 30:17 Наҳот билмасангиз? Сизнинг баданингиз ўзингизда яшаётган Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Уни сизга Худо берган, сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. Қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар. Шунинг учун баданингиз [ва руҳингиз] билан Худони улуғланглар. [Чунки сизлар Худога тегишлисиз.] 1 Кор. 6:19–20 Имон билан қилинган дуо беморни соғайтиради, Раббимиз Ўзи уни тузатади. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради. Ёқуб 5:15 16-БОБ. УНИНГ ИСТАКЛАРИ Мен тунни, дам олиш кунларини битта ҳам матчни қўймасдан, вақтини диванда ўтказадиган футбол ишқибозига турмушга чиқаман, деб асло хоҳламаган эдим. Шунинг учун ҳам Майкл билан учрашиб юрган вақтларимда, у телевизордаги спорт янгиликларига қизиқиш билдирмаётгани билан менга ёққан. Тўйдан бир неча йил ўтгандан кейин Майкл нафақат футбол томошабини, балки муккасидан кетган ишқибоз экани маълум бўлди. Мен ҳайратда қолдим. У «Беарз» футбол гуруҳининг, «Кабз» клубининг эмблемалари туширилган футболкаларни кийиб юрарди. У телевизор экрани олдида шундай ҳайқирар эдики, атрофдагилар қулоқларини беркитиб олишга мажбур бўлардилар. У мени бир неча ўйинларга олиб борган. Лекин кап-катта одамларнинг бир-бирларига ташланишлари, ҳатто думалоқ бўлмаган коптокни деб жанжаллашишлари менга бемаъни туюлган. «Хот дог» лар мени улардан кўра кўпроқ қизиқтирарди. Ўшанда кўнглим хира бўлган эди. Чунки ўзимни алданган деб ҳис этган эдим. Мен эрим учун Худога маъқул равишда ибодат қилишни ўрганганимда (Мен бу ҳақда Иботгўй аёлнинг қудрати номли китобимда батафсил сўзлаганман), Худо бу вазиятга янгидан қарашимга имкон берди. Бироқ қандайдир номаълум сабабларга кўра Худо эримни спорт томошаларига бўлган ишқибозлигидан халос этмади, гарчи мен Худодан бу ҳақда сўраган бўлсам хам. Бунинг ўрнига биз эримнинг ишқибозлигини тушунишим ва сабр билан муносабатда бўлишим керак экан. Эрим ҳам менинг қизиқишимга нисбатан ўзингни ёлғондакам ишқибоздай тутишга мажбурламасликни зиммангга оласан, деб шарт қўйди. Шартлар маъқул бўлди ва қанчадир вақт шундай яшадик. Бироқ Майкл эришган нарсасига қаноат ҳосил қилмади. Бу муаммонинг ечими тўғрисида мендан яширинча ибодат қила бошлади. Мен у билан бирга футбол ўйинларига қатнашиб, бу ўйинни яхши кўриб қолишим учун ибодат қиларди. Бир тарафдан, бу олифталик эканини тушунарди — Худога бундай илтимос билан ибодат қилиш… лекин ҳар қалай, Худо Қизил денгизни иккига бўлиб бошқа мўъжизалар ҳам қилган-ку… Қандайдир ғаройиб тарзда бир куни кўзларим очилди. Мен бу ўйиннинг маъносини, гўзаллигини тушундим. ҳам коптокни эпчиллик билан ажойиб олиб ўтишлари, ҳам бутун гуруҳ ҳаракатининг ажойиб равишда аниқлиги мени ҳайратга солди. Майдондан ҳимоячини олиб ташлашганда, ҳафсалам пир бўлди ҳам, рақиблар гуруҳи ўйиннинг боришини ўзгартира олмаган ҳолатда эканлигидан шодликни бошимдан ўтказдим ҳам. Бугунги кунда мен биронта ҳам ўйинни ўтказиб юбормайман, энди мени умуман «хот дог»лар қизиқтирмайди. Қизиқишларингиз орасида хотинингиз сиз билан ўртоқлашадигани борми? Сиз қизиқадиганларга хотинингизнинг қизиқиши учун ибодат қилинг. Худо учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқлиги маълум. Худо ҳатто хотинингизда севимли машғулотингизнинг жалб қилувчи томонини очиб бериши мумкин, Бу узоқ вақт ибодат қилишни талаб этмайди. Лекин бизнинг қизиқишларимиз ва улар билан боғлиқ аниқ фаолиятдан ташқари янада муҳимроқ нарса бор — бу уларнинг бажарилиши учун ибодат қилишимиз керак бўлган орзу-истакларимиздир. Ҳар биримизнинг орзуимиз бор. Баъзилари башарий табиатимиздан келиб чиқади, лекин кўпларини Худо қалбимизга солади. Биз, истакларимиз Худодан келган, деб ўйлаб, кейин аччиқ ҳосилни ўриб олмаслигимиз учун истакларни фарқлашни билишимиз муҳим. Орзуни амалга оширишга интилган ҳолда, биз кўпинча ундан бут ясаймиз, шунда ҳафсаламиз пир бўлади, юракларимиз аламга тўлади. Чунки Худо бизга берган орзуларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилмаяпмиз. Бу дегани — Худога орзу қилувчилар ёқмайди, деган эмас. Аксинча, Худо, орзусиз яшай олмайсиз, келажакка интилмасдан яшай олмайсизлар, деб айтади. Лекин биз орзуимизни ҳаётга татбиқ этиб борар эканмиз, Худони инкор этамиз, шуниси Унга ёқмайди. Агар бизнинг орзуимиз Худодан бўлмаса, У ҳолда биз доимо қаноат ҳосил қилмай юрамиз, чунки бу орзу ҳеч қачон амалга ошмайди. Биз барча истак ва орзуларимизни Худога ишониб топширишимизни Ўзи истайди. Гарчи аввал орзуларимиз умуман рўёбга чиқмайдигандай туюлса-да, Худо Ўзи ато қилган орзуларга ҳаёт нафасини уфуради, қолганларидан эса халос этади. Шуниси ҳайратланарлики, биз кўп йиллар мобайнида бир инсон билан бир уйда яшашимиз мумкин. Фақатгина у инсон билан қизиқмаганимиз учун унинг қалбидаги яширин истакларни билмаслигимиз мумкин. Кўпинча бизнинг истакларимиз шунчалик қалбимиз тубига яширинган бўладики, биз ҳатто улар ҳақида сўзлаб бера олмайдиган ҳолатдамиз, уларнинг рўёбга чиқиш имконияти шунчалик эҳтимолдан узоқ туюладики, биз ҳатто умид қилишни бас қиламиз. Мен саёҳат қилишга иштиёқи кучли бир аёлни биламан. У фирмада ишлайдиган бир одамнинг хотини эди. Ўша одам фирмасининг жони, бизнес унинг ҳаёти маъноси, ўзи ҳам кучли, қатъиятли эди. У ўз ишига садоқат билан берилган, хотинининг истаклари билан эса ҳеч қачон қизиқмаган эди. У ўзи ёмон одам эмас эди, фақатгина хотинининг ҳам орзулари бўлиши мумкинлигига фаҳми етмас эди, холос. Ўзининг истакларидан хабардор бўлиб, шунинг ўзи унга кифоя эди. Хотин эса ёлғиз, ҳаётидан норози. Фарзандлари аллақачон вояга етган, аввалгидек унга муҳтож эмас. У кўпинча саёҳатлар ҳақидаги журнал ва китобларга шўнғиб, телесериалларни томоша қилиб, уйда ёлғиз ўтирар, ўзгача ҳаёт ҳақида орзу қиларди. Бир куни бир оилали эркак унинг кўзларига боқиб, у аёлни тушунди. У аёлдан нима ҳақида ўйлаши, нимани орзу қилишини сўради. Уларнинг муносабатлари ҳар иккала оилани бузишига сал қолди, муносабатлар ишқий саргузаштларга айланиб кетди. Буларнинг ҳаммаси ошкор бўлгач, танишимнинг эри ҳайратда қолди. Бу воқеа эрга гўё электротокдек таъсир қилди. Оиласини сақлаш истагида эр-хотин оила ва никоҳ муаммолари бўйича имонли мутахассиснинг олдига йўл олдилар. Эри хотинининг манфаатини менсимаганлигини, унинг истакларига қулоқ солмаганини тан олди ва ўзини айбдор деб билди. Кейин улар биргаликда хотинининг бутун ҳаётидаги орзулари ушалиши мақсадида ажойиб жойларга саёҳатга жўнашди. Уларнинг оиласи сақланиб қолди. Лекин бу оилани шифолаш ва тиклаш учун бир неча йил ҳолдан тойдирадиган кураш талаб қилинди. Мен ажойиб қобилиятга эга бўлган рассом аёлни биламан. Унинг асарлари энг яхши кўргазма залларига лойиқ бўлди. Бироқ унинг ҳаёти ҳам маюслик, қониқмаслик ҳисси билан тўла эди. Бу аёлнинг эрига Худо донолик ато қилди — хотинининг орзулари ҳақида сўради, аёл эрига бутун қалбини очди. Улар биргаликда, бу масалада Худо иродасини билайлик, Худо бизга ёрдам берсин, деб ибодат қилдилар. Аёл ўз орзуларининг рўёбга чиқишини Худога ишониб топширди. Яқин вақтгача эри ёш боласига қарар эди. У хотинига, расм дарсларини ўргатсанг-чи, деб таклиф қилди. Шундан кейин аёлнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. У ўзи учун, болаларига расм чизиш учун барча керакли асбобларни харид қилди. Учовлари ҳар куни рвсм чиздилар. Ўз қобилиятини намоён қилиш ва орзусини амалга ошириш учун имконияти аёлни озод қилди. Шу билан бирга уни янги шижоатга чорлади. Янги маъно билан тўла Худо берган инъом юзага чиқди. Баъзида ҳаётдан қаноат ҳосил қилмасликдек муаммони ҳал қилиш жуда оддий кечади: севгилигингизнинг истагига самимий қизиқиш билдирсангиз кифоя. Шундан кейин унинг истаклари амалга ошиши ё бўлмаса, унинг ҳаётидан чиқиб кетиши ҳақида ибодат қилинг. Эрлар! Агар, хотиним ҳаётидан мамнун бўлсин, деб хотиним атрофдагиларига шодлик манбаи бўлсин, деб истасангиз, ундан: «Бирон ушалмаган орзуинг ёки яширин истагинг борми?» деб сўранг. Унга диққат билан, танқид қилмасдан, бу истакларингни ҳозир рўёбга чиқариш имкони йўқ, деб танбеҳ бермасдан, ҳукм ва изоҳларсиз қулоқ солинг. Шундан сўнг Худога ибодат қилиб: «Хотинимни фалон истагидан халос эт, ёки Ўзингнинг хоҳишингга кўра хотинимнинг қалбига тинчлик бериб, истакларини рўёбга чиқар», деб сўранг. Агар хотинингизнинг орзуси Худодан бўлса, хотинингиз бу орзусини рўёбга чиқариши учун Худо имконият бераётган бўлса, рафиқангизни қўллаб-қувватланг, уни фаол бўлишга унданг. Бироқ хотинингиз бу орзусини рўёбга чиқариши учун Худо имконият бераётган бўлса, рафиқангизни қўллаб-қувватланг, уни фаол бўлишга унданг. Бироқ хотинингизнинг орзуси Худодан бўлмаса, Худо унинг қизиқишини янада яхшироқ, ўзига фойдалироқ нарсага йўналтириш учун ибодатларингиздан фойдаланади. Бахтли умр йўлдоши билан яшашнинг афзаллигини сиз кейинроқ баҳолайсиз. Ўшанда мени миннатдорчилик билан эслашингиз муқаррар. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингизнинг орзуси Худоданми ёки йўқми, шуни билишингиз учун; • хотинингиз ўз истакларини сиз билан ўртоқлашиши учун; • унинг орзулари сизнинг орзуларингиз билан уйғун бўлиши учун; • у сизнинг қизиқишларингизни баҳам кўриши учун; • у ўз орзу-истакларини Худога ишониб топширишни билиши учун; • унда яширин истаклар бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Йўқ факат бу эмас. Яна у менга: «Қачон бу аҳмоқона телевизорнинг олдида серрайиб ўтириб, футбол томоша қилиш жонига тегаркин», деган нигоҳ билан қарайди. Албатта мен унга шундай жавоб берардим: «Азизим, ахир, мен неандертал одамман. Ахир, менинг қизиқишларим ғордан у ёғига ўтмайди». Мен вақтни беҳуда ўтказиш ҳеч қачон Стормига маъқул келмаслигини билган ҳолда, бу нигоҳга чидашга ўзимни мажбур қилар эдим. Хотиним мен билан футболга ишқибозлигимни бирга баҳам кўришни исташи ҳақида ҳатто хаёлимга ҳам келтира олмас эдим. Бугун ҳаммаси ўзгача. Оддийгина ибодат билан, айнан оддий ибодат футболга бўлган 27 йиллик адоватни иштиёқ билан алмашишга етарли бўлди. Мен бу тўғрида ҳатто орзу қилишга ҳам ботинмаган эдим. Бугун Сторми — Теннесидаги «Титан» гуруҳининг ихлосманд мухлиси. Унда ҳамма нарса бор: спорт футболкалари, «Титан» эмблемаси туширилган футболка, бейсболкалар. Ўйин таранг вазиятда у баланд овоз билан ҳайқиради. У ўзининг севимли гуруҳи ўйинчисини ҳимоя қилиши учун ҳужумга отилишга тайёр. Авваллари бу мени хавотирга соларди, ҳозир эса мен хотиржамман, чунки у билан курашиш жонимга тегди, умуман, бу зўр. Хотиним билан бирга ишқибоз бўлиш. Бу ҳолатда мен ибодатимгч яна бир ғаройиб жавобни кўрмоқдаман. Бунинг имкони борлигини ким ўйлабди дейсиз? Мен хотинимнинг яна бир орзуси амалга ошиши учун ибодат қилдим — унинг китоблари бутун дунёга таралаётганини кўрай, деб ибодат қилдим. Бугунги кунда хотинимнинг китоблари ўн битта тилга таржима қилинган. Ўзининг айтишича, барча кутганларидан ҳам ошиб кетди. Фақат Худо шундай қила олиши мумкин эди. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигини биламан. Чунки мен у учун ибодат қилдим. Ибодат Эй Раббим! Бу кунда мен Сендан сўрайман: хотинимга (хотинингизнинг исми) илтифот қилгин, қалбининг тубидаги истакларини бажо келтир. У барча орзуларини Сенга ишониб топширишига Ўзинг ёрдам бер, токи унинг юрагига солганларингни бажо келтир. Ҳеч қачон Сен марҳаматламаган шахсий орзусини амалга ошириш мақсадининг кетидан қувмасин. Сен Ўзингнинг ниятингни унга очиб бер, унга ёрдам бер, ўзининг режаларини рад этишга ўргансин. Сен учун вақт танлови катта аҳамиятга эга эканини биламан. Хотиним ўз орзусини амалга оширишга Сенинг мукаммал вақт ҳисобингга мувофиқ равишда ҳаракат қилсин. Эй Раббим! Сендан сўрайман, шундай қилгинки, ишларининг ўртасида у қалбини энг кўп шодлантирадиган машғулотга доимо вақт топа олсин. У ҳақиқий қизиқишларининг доирасини кўра олишига ёрдам бер, ҳар иккаламиз (ҳар иккалангизга ёқадиган қизиқишни ёки фаолият турини айтинг) бу қизиқишларни бирга баҳам кўришимиз учун ёрдам бер. Мен афзал кўрган нарсаларни у ҳам кўра олишига, бунга рози бўлишига ёрдам бер. Унга илҳом берадиган, далда берадиган ёқимли сўзларни менга аён қилгин. Агар бу машғулот биз учун бўлмаса, айнан биз учун мўлжалланган бошқасини кўрсат. Ҳар иккимизга хурсандчилик олиб келадиган умумий қизиқишларни, ишқибозликларни бизга ато этгин. Эй Эгам, Сен бизга оиламизни барбод қилиши мумкин бўлган ҳавасларни юбормаслигингни биламан. Мен қалбимизнинг истаклари битта умумий истакка улансин, деб ибодат қиламан. Биз армонларимизни бир-биримиз билан доимо ўртоқлашишимиз учун ёрдам бер. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Эгамдан лаззат олгин, У сени кўнглинг армонларига етказади. Забур 36:4 Художўйларнинг тилагини У қондирар, Уларнинг фарёдини эшитиб нажот берар. Забур 144:19 Ваҳий бўлмаса, эл-юрт йўлдан озади, Худонинг қонунига риоя қилган бахтлидир! Ҳикмат. 29: 18 Сен қўлингни очасану ҳар бир жонзотни марҳаматингга тўйдирасан. Забур 144:16 Эгамга нола қилдилар кулфатда қолганларида, Эгам қутқарди уларни азоб-уқубатлардан. Бўронни сукунатга айлантирди, Денгиз тўлқинлари сукутга чўмди. Тўлқинлар жим бўлганидан улар севинди, Истаган бандаргоҳга уларни келтириб қўйди. Забур 116: 28–30 17-БОБ. УНИНГ ИШЛАРИ Муқаддас Китобга биноан комил аёл албатта меҳнаткаш бўлади. У яратади, бошқаради, шинам уйида илиқ муҳит яратади. У кўчмас мулкни олиб сотади, узумзорини парваришлайди, кийим тикади, меҳнатининг ҳосили билан машғул бўлади. У кучли, ғайратли, доно аёл. У кечгача меҳнат қилади, ўзи яратган нарсаларнинг сифати одамларга ёқишини билади. У нафақат ишлайди, балки оиласи ҳақида ғамхўрлик қилади, эри билан фахрланиши учун, ишларининг кўркамлигидан марҳаматга эга бўлиши учун хайр-саховат билан шуғулланади (қаранг: Ҳикмат. 31). Агар хотинингиз шунга интилса, билингки, сизнинг ёрдамингизга муҳтож. Мен унинг барча фазилатларини зўрға санаб улгура оламан. Ҳар бир аёл меҳнат қилади. Лекин ҳар бирининг меҳнати турлича баҳоланади. Кўпчилик аёллар ишлайди, чунки улар ўз ишларини ёқтиради. Баъзилари бошқа одамларнинг кўзида қадрли, шунинг учун одамлар у учун маблағ тўлашга тайёр. У аёл шунчалик қобилиятга эга. Кўпчилик аёллар учун оила ташвишлари ва фарзандлар тарбияси жиддий, яхши бажариши лозим бўлган асосий иш ҳисобланади. Бошқалари учун жамоатдаги хизмат ёки хайр-саховат лойиҳаларида иштирок этиш ҳам иш ҳисобланади. Хотинингизнинг иши қанчалик ўзига хос бўлмасин, агар унинг ҳаракатлари натижаси ўлароқ ҳаёти, оиласи, ёки атрофдагиларнинг ҳаёти яхшиланиб бораётган бўлса, бундан рафиқангиз доимо қаноат ҳосил қилади. Бироқ у сизнинг ибодатингиз ва қўллаб-қувватлашингизга муҳтож. Хотинингизни ўз ишини, қобилиятини юқори даражада намойиш қилишига унданг. Лекин у муваффақиятга эришган вақтда сизга муҳтож бўлмай қўяди, дегани эмас. Ҳаммаси аксинча — бу вазиятда унинг сизга бўлган эҳтиёжи кучаяди. Агар сиз хотинингиз учун ибодат қилиб, уни қўллаб-қувватлаётган бўлсангиз, Худонинг марҳамати унга тўкилаётганда, у мағрурланиб кетмайди. У: «Қаранг, мен қандай ажойибман, менга эр ўзи нимага керак? Мен унга муҳтож эмасман. Мен усиз ҳам ҳар ишни қила оламан», деган хаёлга бормайди. Эрлари хотинлари учун ибодат қилмайдиган аёлларнинг миясига шундай фикрлар келади. Хотинингиз сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлмай қўядиган даражада ўзига ишониб қолмайди. У муваффақиятга эришгандан кейин ҳам унинг ҳаётига сизнинг таъсирингиз камаймайди. Аксинча, сизнинг таъсирингиз кучая боради. Шуни эсда тутингки, сиз хотинингиз билан бир тансиз, у билан содир бўлаётган ҳар бир нарса сиз билан ҳам содир бўлмоқда. Сиз унинг муваффақиятида ҳеч қачон ўзингиз учун хавотирлик кўрмаслингиз керак. Менинг эрим мусиқа продюссери экан, биз кўпгина аёллар феноменал ютуққа эришишга ҳаракат қилганини кўрганмиз. Худонинг марҳаматини кўрган эрлар бу вазиятда муваффақиятга эришганлар. Ўз хотинларининг ютуқларини тан олишни рад этган эрлар оилаларини барбод қилган. Аёлнинг ўзини намоён қилиш имкониятлари чекланганда, унинг ҳаёти барбод бўлади. Шу боис ҳам, унинг қобилияти муваффақият билан намоён бўлиши учун ибодат қилишингиз керак. Аёл ўзидан кўнгли тўлиши учун муҳтожлик сезади ва эркакдан кам эмас. Бироқ ўзидан қаноат ҳосил қилмайдиган эркак ўзини омадсиз деб ҳис қилаётган бўлса, аёл ҳам тушкунликка, умидсизликка тушиб қолади. Бу ўз навбатида, аёл ҳаётининг қолган бошқа соҳаларига ҳам таъсирини ўтказади, хусусан, эри билан муносабатида. Фарзандлар тарбияси, уй ишлари билан машғул аёл ҳам ўзининг меҳнати самараси, бажарган иши сифати эрига маъқул бўлишини истайди. У бу юмушларидан қаноат ҳосил қилсам дейди. Ягона одам эрим деб билади. Эрининг ибодатлари хотини учун муҳим. Чунки ибодат хотинингизга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Хотинингиз қандай иш билан шуғулланмасин, у сизнинг ибодатларингиз ва далдангизга муҳтож. Шу билан бирга, Худонинг марқамати ва бошқарувига ҳам муҳтож. У мақсадларига эришишига Худо ёрдам беради. «Хотиним ўз мақсадлари билан Худога боғлиқлиги ўртасида мувозанат топсин», деб ибодат қилинг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингиз ўз меҳнати билан Худони улуғлаши учун; • у ўз ишини яхши бажариши учун; • одамлар уни меҳнати эвазига қадрлашлари учун; • у ўз ишига икки ҳисса мукофот олишлари учун; • ўз бурчини бажаришга куч топиши учун; • сиз унинг меҳнатини маъқул топишингиз учун; • унинг иши ўзи учун қаноат ҳосил қилиш манбаи бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омартиан сўзлайди Мен эр-хотинлик ҳаётимизнинг илк даврларида — фарзандларимиз ҳал ёш бўлганда, Сторми менга китоб ёзиш ниятини айтар эди. У кўп қўшиқларга шеър ҳам ёзарди. Кўпинча икковимиз ҳамкорликда ишлар эдик. Унга шеър ёзиш ёқарди. Чунки бу иш кўп вақт талаб қилмасди. У китоблар устида ишлаш учун фарзандларига вақтни қурбон қилишга ҳеч қачон рози бўлмаган бўлар эди. Мен бундан жуда таъсирланар эдим. Сўнг мен Худодан, хотинимни фарзандларимга меҳрибон қилгин, деб сўрайдиган бўлдим. 6:4-санода шундай деб айтилган: «Эгамдан лаззат олгин, у сени кўнглинг армонларига етказади». Хотиним зиммасига Худо юклаган вазифаларни бажарар экан, доимо хурсандчилик , тасалли топарди. Мен ибодатда унга куч ва сабр беришини Худодан сўрар эдим. Фарзандларимиз вояга етганда, унинг бўш вақти кўпроқ бўлгач, Худо хотинимнинг юрагига китоб ёзишни солди. Табиийки, у ҳар бир китоби устида ишлаётганда, мен у учун ибодат қилар эдим. Бугун Сторми — кўплаб ажойиб китобларнинг муаллифи. Худо унинг меҳнатини марҳаматлади, чунки у ҳаёт йўлида ҳар доим Худодан умид қилди. Ибодат Эй Раббим! Сендан сўрайман: хотинимнинг (хотинингизнинг исми) меҳнатига омад бергин. Ҳозирги вақтда унинг иши қандай бўлмасин, унга куч бер, бу ишда қаноат ҳосил қилишига ёрдам бер. Сен унга ато қилган қобилият, инъомларинг учун Сендан миннатдорман. Уларни намоён қил, ривожлантир, Ўзинг қўйган мақсадларга эришиш учун фойдалангин. Менинг хотиним доимо тажрибасини ошириб бораверсин. Ҳеч ким ёпа олмайдиган эшикларни унга очгин, у ютуқларга эришиши учун ёрдам бергин. Биз бир-биримиз билан рақобатга киришувимиздан асра, бир-биримизнинг ютуқларимиздан хурсанд бўлишга бизни ўргат. Бир-биримизни қўллаб-қувватлашга, биз битта гуруҳ эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимизга бизни ўргат. Агар хотинимнинг иши Сенинг хоҳиш-иродангга тўғри келмаса, унга ўз режангни оч. Душман хотинимни йиқитмаслиги учун уни мағрурликдан халос эт. Уни қандай қўллаб-қувватлашим мумкинлигини менга кўрсат. Эй Раббим! Каломингда айтилганки, биз Сен учун меҳнат қилганимизда, биз олган моддий маблағ ғам-қайғу олиб келмайди, дейилган (қаранг: Ҳикмат. 10:22). Яна «юмушчи ўзига яраша иш ҳақига муносибдир», деб ҳам айтилган. Мен шунинг учун ибодат қиламанки, хотиним (хотинингизнинг исми) ҳар иккимизга, яқинларимизга, ва бошқа одамларга иноят олиб келадиган, меҳнатига муносиб мукофот олсин. У севимли иши билан шуғулланиши учун имконият бергин, қўл урган барча ишлари муваффақиятли бўлсин (қаранг: Забур 89:17). Сенинг улуғворлигингни оширадиган буюк ишлар учун унга илҳом бағишла. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Раббимиз Худонинг лутф-карами бизга ёр бўлсин, Ҳаракатларимизга омад бергин, О, ҳаракатларимизга барака бергин! Забур 89:17 Солиҳнинг ҳақи — ҳаёт. Ҳикмат. 10:16 Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади. Ёшуа Навин 1:8 Дангаса қўллар қашшоқлик келтиради, тиришқоқ қўллар — бойлик. Ҳикмат. 10:4 Ҳар бир меҳнатдан фойда бор, қуруқ гап эса камбағаллик келтиради. Ҳикмат. 14:23 18-БОБ. УНИНГ ЎТМИШ КИШАНЛАРИДАН ОЗОД БЎЛИШИ Шундай манзарани тасаввур қилинг: Ҳаво очиқ ажойиб кунда сиз яхтада сузиб кетяпсиз. Енгил шабада сочларингизни ўйнайди. Тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Қайиғингиз сув юзасида силлиқ, бир текис сузиб бормоқда. Денгиз ҳавосидан баҳри-дилингиз очилиб, кучга тўлиб бораётганингизни ҳис қиляпсиз. Дунё сизга ранг-баранг кўринмоқда. Сиз бир текис, қатиъят билан манзилингиз томон сузиб боряпсиз. Лекин сиз фақат қайиғингизни тўғри бошқарганингиздагина, бундай бамайлихотир сузиш имкони бор. Шунингдек, елканлар тўғри ўрнатилган бўлиши керак, токи шамол елканни ҳаракатлантирсин, қайиқ олдинга силжисин. Агар шамол елканни етарлича ҳаракатга келтира олмаса, яхта у ёқдан-бу ёққа чайқалаверади. Сиз тўғри йўналишни ололмайсиз, мақсадингизга эриша олмайсиз ёки ундан ҳам ёмонроғи, бошқарувни йўқотиб, ағдарилиб кетасиз. Шунга ўхшаш ҳодисалар сизнинг ҳаётингизда ҳам содир бўлади. Агар биз Худо билан нотўғри муносабатда бўлсак, бизнинг номукаммаллигимиз, ҳаётнинг нобоп қояларидан олиб ўтувчи, бизни истаган қирғоққа етказувчи Муқаддас Руҳ шабадасини елканларимиз ҳеч қачон ушлаб ололмайди. Биз ўтмишимизнинг бандаргоҳига доимо қайтар эканмиз, ўтмишдан халос бўла олмас эканмиз, бизнинг саёҳатимиз унча муваффақиятли бўла олмайди. Баъзида биз бошқарувни йўқотиб, чўкиб кетаётгандай бўламиз. Лекин Муқаддас Руҳ бизни бошқараёт-гандай бўлса, У йўлимиздан адашишимизга йўл қўймайди. У доимо бизни тўғри йўналишда олиб боради. Гап шундаки, биз лангарни кўтариб, ўтмишимиз бандаргоҳини тарк этмас эканмиз, мақсад томон ҳаракат қила олмаймиз. Ўтмиш воқеаларининг қачон юз бергани муҳим эмас — 30 йил аввалми ёки кечами — агар биз ўтмишни тарк этмасак, у бизни тинч қўймайди. Худо бизнинг сафаримиз эркин бўлишини истайди. Биз эски аламларни унутиб, барқарор шахс бўлишимизни хоҳлайди. Бу айниқса, турмушда муҳим, турмуш гўё кўзгуда акс этгани сингари, бизнинг кундалик ҳаётимизда акс этади. Биз кундалик ҳаётимизда ҳар дақиқада ўз аксимизни — қанчалик яхши ё ёмонлигимизни кўрамиз. Ҳар қайсимизнинг қалбимиз қанчалик яхшироқ шифо топса, оиламиз шунчалик соғлом бўлади. Бироқ бизни олдинга еткаловчи Муқаддас Руҳнинг мусаффо шабадасини изламас эканмиз, биз ҳеч қачон ҳаётимизнинг сокин ва бахтли қирғоғига етиб боролмаймиз. ЎТМИШДА БОШДАН ЎТГАН ХОТИРАЛАРДАН ОЗОД БЎЛИШ Хотинингизнинг ўтмиши қандай кечган бўлмасин, у ўтмиш билан алоқани батамом узиб ташламас экан, у ҳозирги ҳаётидан мамнун бўлмайди. Келажакда ҳам Худо учун тайёрлаб қўйган марҳаматга эга бўлолмайди. Хотинингиз оилага қандай оғриқ ва аламларни олиб кирган бўлмасин, бу оғриқлар албатта сизнинг ҳозир биргаликда кечираётган ва келажакда кечирадиган ҳаётингизга таъсирини ўтказади. Эҳтимол, кимдир қачондир уни камситган ёки алам ўтказгандир, ўзи катта хатога йўл қўйгандир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар хотиралар хотинингизга тинчлик бермаётган бўлса, демак, у озодликка муҳтож. Бунинг учун эса сиз у учун қиладиган ибодатларингизга муҳтож. Мен ўтмишимдаги шодликка тўлмаган ҳаётим ҳақида сўзлаган Сторми деган китобимни ёздим. Шу китобим чоп этилгандан сўнг менга эркаклардан кўп хатлар келди. Бу хатларида улар, хотинимиз қалбидаги жароҳатларнинг салбий оқибатларидан азоб чекяпти, деб ёзган эдилар. Ўша ҳолатларнинг ҳар бирида аёллар турмушга чиқаётганларида вазмин туюлган. Бироқ кейинчалик уларнинг руҳиятида қандайдир нохуш кечинмалар содир бўла бошлаган. Хотинлари бошларидан ўтказаётган руҳий тушкунлик, танглик олдида эркаклар ўзларини тамомила ожиз ҳис қилар эканлар. Ҳатто эркаклар хотинлари олдида турган муаммонинг моҳиятини тушунганларида ҳам, хотинларининг руҳий ҳолатига тўғри жавоб бера билмай хотинларининг муаммоларини тўғри ҳал қилишга тайёр эмас эканлар. Мана, менга мурожаат қилган эркакларга қандай жавоб берганман: «Сиз танлаган хотинингизни севар экансиз, у билан оила қураётганингизда, сизга ғамхўрлик қиламан деб ваъда берган экансиз, у учун само каби бехатар бошпана яратишга бурчлисиз. Сизнинг севгингиз — Худо севгисининг акси. Хотинингиз сизнинг севгингиз билан ўралган, у Худо иноятининг таъсири остида сизнинг севгингиздан халос бўлиши учун яна ўтмишининг қўрқувлари билан тўқнашади. Хотинингиз ўзини бехатар ҳис қилиб, ўзига шифо берадиган Раббийси олдида қалбини очиишга тайёр бўлади. Лекин сиз хотинингизни доимо севишингизни, ҳатто унинг ҳис-туйғуларини охиригача тушунмасангиз ҳам қўллаб-қувватлашингизни у билиши керак. У сизнинг ибодатларингиз кучига муҳтож. Чунки бу куч душманни яксон қилишга қодир, шифоланиш жараёни вақтида хотинингизни душмандан ҳимоя қилади. КЕЧИРИМНИНГ ЗАРУРЛИГИ Агар биз кечииришни билмасак, қайиғимиз ҳеч қачон қаршиликларсиз ўтмиш кўрфазини тарк этолмайди. Худо биз учун тайёрлаб қўйган келажак денгизига чиқа олмайди. Энг кучли оғриқлар бизга инсонлардан келади. Агар хотинингиз ким биландир олдин мулоқот қилиб, қайғу орттириб олган бўлса (масалан, аввалги эркак дўстлари ёки собиқ эри билан), ўтмиш шарпалари сизнинг ҳозирги оилавий ҳаётингизга келмаслиги керак. Бунинг учун, хотиним ўша мулоқот оқибатидан озод бўлсин, деб ибодат қилинг. Бу шарпалар сизнинг эр-хотинлик ҳаётингизда энг интим дақиқаларда пайдо бўлиши мумкин. Сиз эса бу нима учун содир бўлаётганини билмайсиз. Ахир, сиз хотинингизга аввал у билан бўлган, унинг қалбида аламли из қолдирган ўша эркакка ўхшамаслигингизни доимий равишда исботлаб беришни хоҳламайсиз-ку! Унинг ҳаётида шифо топишга муҳтож бўлган бошқа муҳим томон — у заминий отаси билан муносабатига боғлиқ бўлиши мумкин. Хотинингизнинг Худога ва сизга бўлган муносабати отасининг илгари унга қилган муносабатининг акси бўлиши мумкин. Отаси илгари доимо қизининг тарафини олиб, ҳимоя қилишга тайёр кучли одам бўлганми? Ёки қизини ташлаб кетиб, дилини оғритганми? Агар отаси унга ёмон муносабатда бўлган қандайдир ҳолатда қизида ўзига нисбатан жирканишни пайдо қилган бўлса, хотинингиз сизга осонликча ишонмайди. Хотинингиз истамаяпти, демоқчи эмасман. Бу дегани — отаси қизини ҳимоя қилмаган, севмаган, яъни бажариши керак бўлган бурчини бажармаган, деганидир. Агар хотинингиз заминий отасининг севгисидан шубҳаланса, у самовий Отасининг севгисидан, натижада сизнинг ҳам севгингиздан шубҳаланадиган бўлади. Айниқса, шу ерда сизнинг ибодатларингиз ўз таъсирига эга бўлади. Баъзида аёл ҳаётида содир бўлган ҳодисалар унга шунчалик қаттиқ салбий таъсир қиладики, хаёлдан кетмайдиган ўша нохуш хотиралардан фақат ибодат озод бўлишига ёрдам бериши мумкин. Масалан, бир куни менинг рўпарамда бир одам даҳшатли аварияга учради. У кўп қон йўқотди. Мен бу қандай содир бўлганини кўрмадим, лекин уяли телефон орқали тез ёрдамни чақириш учун дарҳол пачақланган машина олдига келиб тўхтадим. Автомобилда фақат ҳайдовчи бор экан, у худда қопқонга тушгандек сиқилиб олган эди. Мен унинг ҳаётдан кўз юмаётганини кўришдан, тез ёрдамнинг келишини кутиб, ибодат қилишдан бошқа чорам йўқ эди. Кўзларим кўриб турган воқеадан шунчалик ларзага келдимки, бир неча кун давомида мен босинқираб чиқдим. Эрим мен учун ибодат қилди. Бу қўрқинчли хотирадан халос бўлишим учун у ибодат қилаверди. Бир неча вақтдан сўнг қўрқув босилди. ОЗОДЛИККА ЭРИШИШ Ҳар биримиз ҳам у ёки бу кишанлардан — ғазаб, кек сақлаш, алам, руҳий тушкунликдан озод бўлишга муҳтожмиз. Руҳий тушкунлик билан курашишга мажбур бўлган аёлларнинг кўплиги одамни саросимага солиб қўяди. Лекин аёллар бу хасталиклар билан курашишни хоҳламайди. Худо эса уларни озод ҳолда кўришни истайди. Агар хотинингиз руҳий тушкунликдан азоб чекаётган бўлса, у озодликка эришмагунча, бунинг учун қанча вақт керак бўлмасин, ибодат қилишга бурчлисиз. Кўп аёллар ортиқча машаққат билан оғир кураш олиб борадилар. Бу жуда жиддий муаммо. Хотинингиз бу муаммони ҳал этиши учун унга озодлик керак. У ҳолдан тойдирадиган бу курашда ғалабага эришиши учун, эрининг ибодат билан доимий қўллаб-қувватлашига муҳтож. Хотинингизнинг озод бўлиши учун ибодат қила туриб, сиз барча саволларга жавоб топишингиз шарт эмас. Ахир, хотинингиз ҳам сиздан буни кутмаяпти. Сиз ҳаммасини тушунишингиз шарт ҳам эмас. Унинг ўзи ҳали ҳаммасини тушуниб етганича йўқ. Лекин Худо ҳаммасини тушунади, барча саволларга Унда жавоб бор. Шундай экан, Худо сизнинг ишончингизга лойиқ. Хотинингиз, у қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар сизнинг севгингизни, қувватлашингизни билса, бас. Хотинингиз бутунлай озодликка, шифо топишга муҳтож эканлигини тушунганингиз ҳолда, сиз шундай фикрга боришингиз мумкин: «Мен хотинимнинг ҳамма муаммоларини тушуна олмаяпман. Мен тинчгина ҳаёт оқимида сузишни истайман, у эса менга ҳалақит беряпти». Лекин зиддиятлар айнан бир-бирини тўлдириб туриши сабабли ҳам, айни замонда бир-бирларига интиладилар. Сиз ҳар жиҳатдан ўзингизга ўхшаган аёл билан ҳаётингиз қанчалик зерикарли бўлишини англаяпсизми? Сизларнинг бир-бирингизга бўлган қизиқишларингиз манбаи — муносабатларингиздаги учқунни қаердан олган бўлардингиз? Ўша аёл нима дейишини, нима қилишини сиз олдиндан билган бўлардингиз, чунки унинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари айнан сизникини қайтарган бўлар эди. Мен бир семинарда иштирок этганман. Бу семинар одамларни шахсиятига қараб гуруҳларга бўлиб чиқиш ҳақида эди. Бу семинарни ҳеч қачон унутмайман. Худди шу сингари, масалан, доимо кўпчиликнинг диққат марказида бўлган фаол, киришимли одамлардан бир гуруҳ тузилди, дейлик. Бу гуруҳнинг фаолияти охири яхшилик билан тугамаган бўларди. «Фаоллар» доимо бир-бирини гуруҳдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилган бўлардилар. Аъзолари сентиментал, ўйчан одамлардан ташкил топган гуруҳдаги одамлар бир-бирини зериктириб қўярдилар. Мен аралашган гуруҳга қайтиб бориш мумкин бўлган дақиқага энди етиб келдим. Одам бошқаларга ўхшайман, деб жуда ҳолдан тойиб қолади. Балки сиз охирги пайтларда бошингиздан ўтказишга тўғри келган изтиробни осойишта, бир маромдаги ҳаётга бажонидил алмашишга тайёрдирсиз? Мен сизнинг истагингиз сабабини тушунаман. Лекин умр йўлдошингизнинг ҳаётини мураккаблаштираётган қийинчиликлар бизга қарши экан, биз тинч, хотиржам бўла олмаймиз. Хотинингиз ҳозир мушкул дамларни бошидан кечираётган экан, майли, бу сизга чидаб бўлмайдигандай туюлсин. Аммо шуни билингки, сизга Худонинг шифо қуроли бўлиш шарафи берилган. Сизга ўз рафиқангиз билан руҳан ўсиш имконияти берилганига Худодан миннатдор бўлинг. ОЗОД БЎЛИШ ЖАРАЁНИ Ҳомиладорлик вақтимда ўзим топган ажойиб кашфиёт шу бўлдики, бу пайтда ўзим тасаввур қила олмайдиган қандайдир жараён бошланган. Бу жараён мутлақо менга боғлиқ бўлмаган ҳолда давом этарди. Ўз танасини бошқара олмаслик ғалати ҳиссиётларни туғдираркан. Ҳомиладорлик ҳолатида рўй берадиган кўп жараён озодлик жараёнига ўхшаб кетади. Сизни озод қилишни истаган Худога ҳаётингизни берганингиз сабабли, ҳаётингиз ўтишига ҳеч ҳам таъсир ўтказолмайсиз. Худо сизни озод бўлишга тайёрсан, деб топганда, У янгидан озод қлбингиз юзага келмагунча сизда ўсиб, кучга тўлиб борадиган уруғни экади. Худди туғиш сингари, озод бўлиш ҳам оғриқли жараён. Ҳаётингиз давомида оғриқ қалбингизда қат-қат бўлиб, йиғилиб келади. Бизни азоб берувчи хотиралардан озод қилаётиб, Раббимиз бу оғриқларни бирин-кетин қатлам-қатлам қилиб олиб ташлайди. Шунинг учун агар хотинингиз оғриқли хотиралардан ўта олишига муваффақ бўлса, унинг озод бўлиш жараёни тезлашиши мумкин. «Тўлғоқлар» борган сари тез-тез қайтарилаверади, ҳар сафар оғриғи кўпроқ бўлади. Буни кўриб, хижолат чекманг, хафа ҳам бўлманг. Хотинимнинг аҳволи ёмон бўлди, деб ҳам ўйламанг. Аксинча, хотинингизга енгил бўляпти, чунки унинг қалби оғриқнинг янада чуқурроқ қатламларидан покланмоқда. Худо уни янада озодликка юқорироқ олиб чиқмоқда. Одатга кўра, энг қийини оғриқнинг энг чуқур қатламларидан халос бўлишдир. Бу бўрон вақтида Худонинг қўлидан ушланг. У сизни сақлаб қолади. Боланинг туғилишига ўхшаб, биз ўтмишдаги қўрқувдан узоқ кутган озодликка тўғридан-тўғри эришиш олдидан, энг кучли оғриқни бошимиздан ўтказамиз. Буюк марҳаматни қабул қилиш олдидан таранг вазият охирги нуқтага етади. Лекин Худонинг танлаган вақти мукаммалдир. Агар аёлларнинг ўзлари бола туғилишининг вақтини белгилаганларида эди, улар, эҳтимол, бу жараённи биринчи эрталабки кўнгил айниш пайдо бўлгунга қадар — икки ойга қисқартирган бўлардилар. Бироқ у ҳолда бола тирик қолмас эди. Чунки бола чала туғилган бўларди. Худди шу нарса озодлик жараёнига ҳам тегишли. Биз ўзимизнинг севгилиларимиз ўтмишида олган яраларни даволай олишлари учун уларга қулай шароитни яратиб беришга бурчлимиз, воқеалар боришини ўзимиз тезлаштирмаслигимиз керак. Фақатгина Худонинг севгиси ҳаётимизда авжига чиққан довулни босиши мумкин. Фақатгина Худо сафаримизнинг йўналишига тузатиш киритиши мумкин. «Хотиним яхта лангарини олиб ўтиб, ўтмиш бандаргоҳини тарк этсин, Муқаддас Руҳнинг енгил шабадаси елканларни бошқариб, хотинимни манзилга равон олиб борсин», деб ибодат қилинг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингиз озод бўлишини, озодлигини Худодан топиши учун; • хотинингиз билан Худонинг марҳамати ўртасида тўсиқ бўлмаслиги учун; • у ақлан ва жисмонан соғ бўлиши учун; • ўз ўтмишининг кишанларидан бутунлай озод бўлиши учун; • ҳамма кечириши керак бўлганларни у кечириши учун; • сиз уни доимо севиб, қўллаб-қувватлашингиз учун; • унинг ҳаёти Худонинг шифоловчи кучи гувоҳи бўлиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ «Масиҳдаги озодлик» ташкилотининг Президенти ва «Зулмат устидан ғалаба», «Кишанларни узиб ташлаб» китобларининг муаллифи Нил Т. Андерсон сўзлайди. У рафиқаси Жоан билан оила қурганларига 33 йил бўлди, иккита фарзандлари ва иккита набиралари бор. 1986 йилнинг баҳорида хотиним контакт линзасини алмаштириши керак бўлиб қолди. Чунки бу линзани тузатиб бўлмас экан. Бу одатдаги операция эди. Лекин Жоанга наркоз ёмон таъсир кўрсатди. У 15 ой давомида қаттик оғир руҳий тушкунликни бошидан кечирди. Шифокорлар уни даволай олмадилар. Мен оғир муаммо тўрига тутилиб қолдим, чунки бу шароитда хотиним учун ким эканимни тушуна олмасдим: қавмбошими, мураббийми ёки консультантми (бошқа одамлар учун мен ана шулар эдим), ёки унинг эрими? Ниҳоят, мен шуни тушуниб етдимки, бундай вазиятда мен фақатгина унинг эри бўлишим мумкин эди. Чунки ниманидир ўзгартиришга ёки нимагадир таъсир ўтказишга ожиз эдим. Ўша вақтда биз ўзимизда бор нарсаларимизни йўқотдик, бутунлай хароб бўлдик. Шунда мен ҳаётимда биринчи бор шуни тушуниб етдим: агар Худо мендаги бор нарсам бўлса, У мен муҳтож бўлган нарсамнинг барчаси. Менинг хизматим шундан иборат эдики, мен ҳар куни Жоаннинг ёнида бўлар эдим. Унга: «Буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади», деб тасалли берар эдим. Буларнинг ҳаммаси ибодатлар, Худога бутунлай итоаткорлигимизни эътироф этишимиз туфайли ўтиб кетди. Мен янги манбаларни Унда қидиришим учун, ўзимнинг манбаларимдан фойдаланиб, тамомлашимга имкон берди. Фақатгина Худо бузилган кўнгилларга тасалли бериб, асирларни озод қила олади. Оғир синовлар вақтида «Масиҳдаги озодлик» ташкилоти туғилди, бизнинг оиламиз эса ғаройиб тарзда мустаҳкамланди. Ибодат Эй Раббим! Сенга илтижо қиламан: хотиним (хотинингизнинг исми) ни нима асир қилиб турган бўлса, Ўзингдан ташқари ҳаммасидан халос қил. Унинг устидан қудратга эга бўлиб, уни ўтмиш тўрларида ушлаб турган ҳар қандай хотиралардан озод қил. Гина-кудурат унинг озодликка бўлган сўқмоғига тўсқинлик қилмаслиги учун, уни хафа қилган ҳамма одамларни кечириши учун ёрдам бер. Хотиним (хотинингизнинг исми) ни Сен маъқул топган аёл бўлиши учун ҳалақит берадиган душманидан ҳимоя қилгин. Ундан ўғирланган барча нарсани юз карра кўпайтириб бергин. Мен биламанки, Сенинг ҳузурингда бизнинг қалбларимиз қайтадан янгиланади. Хотиним шифо топиши учун Сенинг ҳузурингда яшашига ўргат. Эй Раббим, мен «ҳаётимиз бандалик бўлса ҳам, башарий куч билан жанг қилмаяпмиз. Бизнинг жангдаги қурол-аслаҳамиз башарий эмас, балки қалъаларни яксон қилиш қудратига эга бўлган руҳий аслаҳалардир. Биз Худонинг қудрати билан сафсаталарга барҳам беришимизни» (2 Кор. 10:3–4) биламан. Исо Масиҳ номидан душман хотиним (хотинингизнинг исми) атрофида қуриб олган қалъаларни яксон қиламан. Айниқса, мен (шифо топишига муҳтож бўлган аниқ холатни айтинг)… нинг шифо топиши учун ибодат қиламан. Исо номидан хотиним учун сўрайман: уни хасталиклардан халос қил. Унинг ҳаётида ҳақлиги нур каби юзага чиқмагунча, унинг нажоти ёниб турган чироқдек бўлмагунча тинч бўлмас» (Ишаё 62:1) лигингдан иборат бўлган ваъдангни бажо бўлиши учун сўрайман. Хотинимнинг йўлини ёрит. Эгри йўлларини тўғри қил (қаранг: Ишаё 42:16). Эй Раббим! Каломингда «…ақл билан юрадиган нажот топади» (Ҳикмат. 28:26) деб айтилган. Хотинимни ақл билан юришга ўргат, унга бутунлай озодлик ато қилгин. Уни мен доимо севиб, қўллаб-қувватлашимга ўргат. МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Олдинги нарсаларни эсламанг, Эски нарсаларни ўйламанг. Мен янги нарсани яратяпман, Ҳозир пайдо бўлади-сезмаяпсизми уни? Мен саҳрода йўл қиламан, Чўлда дарёлар яратаман. Ишаё 43:18–19 Раббим мени ҳар қандай ёмон ишлардан халос қилади ва Ўзининг самовий Подшоҳлигига соғ-саломат киргизади. Унга абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин. 2 Тим. 4:18 Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, У ҳақда таълим олгансизлар. Шунинг учун энди Исонинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар; яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига янги фикрга, руҳга эга бўлинглар. Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар. Эфес. 4:21–24 Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Қадимги ҳолат ўтиб кетди, энди [ҳаммаси] янги бўлди. 2 Кор. 5:17 Биродарлар, мен ўзимни муродимга етишганман деб ўйламасам-да, фақат бир нарсанигина ўйлайман: орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман. Худо Исо Масиҳ орқали мени олий мақсадга чорлади. Мен буни адо этиб, ғалаба гулчамбарини қўлга киритиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан. Фил. 3:13–14 19-БОБ. УНИНГ ХУДОГА ИТОАТКОРЛИГИ Бир куни эрим Исо Масиҳнинг туғилган кунида менга голф командаси албомини ва голф ўйинининг дарс машғулотларини совға қилди. Мен бу машғулотларни ўқиб чиқдим. Лекин ниҳоятда кичик бўлганидан майса устида аранг кўриш мумкин бўлган коптокчани уришга шунча кучни нимага сарф қилишар экан, деб ўйлардим. Аммо ҳеч тушунмадим. Кап-катта эркаклар ҳар ҳафта бу ўйинга бир неча соат вақтларини сарфлашларига уларни нима мажбур қилишларини тушунмасдим. Бу фикр мени голф майдонига чиқмагунимча тарк этмади. Мен коптокчани нишонга қўйдим, дастани олдим, чукурчагача бўлган масофани чамаладим ва дастани кўтариб кичиккина коптокни менга ўргатганларидек, бор кучим билан урдим. Дастам коптокка текканда, дабдабаси билан аввал эшитган барча товушларга тенг келмайдиган, ҳайратда қолдирадиган товуш янгради. Мен тўппа-тўғри зарба берган эканман, киптокча 170 метрли тўғри масофада ерга қўнди. Ўша дақиқада эркаклар нима учун голф майдонларида шунча кўп вақтларини ўтказишларини мен тушундим. Улар мана шу товушни эшитишни истар эканлар. Улар ҳамма нарсани тўғри қилиш нима эканлигини ҳис этишни хоҳлайдилар. Биз итоатгўйликда юрганимизда ҳосил бўладиган туйғуга бу ҳис тенг келади. Биз Худонинг йўлларидан юрганимизда, У биздан мамнун бўлганда, шундай ҳисни туямиз. Очиғи, биз Худо иродаси бўйича ҳаракат қилсак, яъни тўғри юрсак, ҳаётимиз нуқсонсиз ўтаверади. Бу туйғуни бошдан кечириш истаги бор бўлганда, Худога маъқул бўлишимиз учун янада кўпроқ куч сарф қилишимизга мажбур қилади. Худога итоат этиш учун ажойиб мукофот — Унинг ҳузурини ҳис этишдир. Бу итоатгўйлик ва Унинг ҳузурини ҳис этиш орасида тўғридан-тўғри алоқа мавжуд. Исо айтган: «Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратамиз» (Юҳ. 14:23). Худо Ўзини севганларга, Ўзига итоат этганларга намоён қилади. Биз итоатсизлигимиз туфайли Худо иноятининг тўлалигини, бу иноятнинг ҳаётимизда амал қилишни йўқотамиз. Сизнинг хотинингиз Худо ҳузурини доимо ҳис этишга ташна. У Худо иродасини адо этган ҳолда, бу ҳайратомуз ҳисни бошидан кечиришни истайди. Худонинг йўлларидан юришни ўрганиш учун у сизнинг ибодатларингизга муҳтож. Ҳар қандай ўйинда ҳам маълум қоидаларнинг бажарилмаганига жарима олдиндан белгилаб қўйилган. Бизнинг итотасизлигимиз оқибатларидан бири — ибодатларимизга жавобнинг бўлмаслигидир (қаранг: Ҳикмат. 28:9; Забур 65:18). Агар хотинингиз фақатгина маълум бир қоидаларни бузаётгани учун унинг ибодатлари жавобсиз қолишини сиз истамайсиз-ку! Худо унга равшан ақл берсин, ҳар қандай ўйиннинг қоидаларини бажариш қанчалик муҳим эканлигини билсин ва унга шулар инъом этилиши учун ибодат қилинг. Аёлнинг итоатсизлиги унинг нутқида очиқ кўринади. Бу ҳақда Муқаддас Китобда аниқ ёзилган: • Ўз фикрларини овоз чиқариб айтишга шошилмаслик керак. «Шошилиб гапирадиганни кўрганмисан? Ундан кўра нодондан умид кўпроқ» (Ҳикмат. 29:20). • Ўзини назорат қилишни билиши керак. «Нодон бор жаҳлини тўкиб сочади, доно эса ичида сақлайди» (Ҳикмат. 29:11). • Бизнинг сўзларимиз бошқа одамларга зарар келтиришини унутмаслигимиз керак. «Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир, бирини севган мевасидан ейди» (Ҳикмат. 18:21). • Ўз сўзларимиз устидан чуқур мулоҳаза юритишимиз керак. «Солиҳ ўйлаб жавоб беради, фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқади» (Ҳикмат. 15:28). Кўп аёллар гапга жуда чечан. Буни шу билан тушунтирса бўладики, деярли ҳар бир аёлни турли хил фикрлар, туйғулар, кўнгли сезиши, аччиқ бахтиёр хотиралар қамраб олади. Хотираларини атрофдагилар билан баҳам кўрмаса, портлаб кетадигандек туюлади. Мулоқот аёл зотининг овунчоғи. Аёл тилидан чиқадиган сўзлар орқали иттифоқ мустаҳкамланади. Қалбий яралар шифоланади, узилган муносабатлар тикланади, сирлар очилади, оламнинг муаммолари ҳал бўлади. Кўп гапиришни ёқтирмайдиган аёлни менга кўрсатинг, мен ҳам сизга эшитишни асло истамайдиган аёлни кўрсатаман. Ҳар бир аёл сўзларининг кучини яхши англайди, унинг сўзлари таъсири ҳосил қиладиган узоқ вақт давом этади (нима бўлганда ҳам хотини эрининг бир неча йил аввал айтган сўзларини эслай олади, эри эса гапини 30 сониядан кейин унутиб юборади). Агар унинг сўзлари кимнингдир дилини оғритган бўлса, аёл тинчлана олмайди. Агар кимдир унинг сўзларини нотўғри талқин қилган бўлса, унинг боласи ёки дўсти билан ўта кескин муомала қилган бўлса ҳам аёл бундан озор чекади. Шунинг учун аёллар ҳаётининг бу томонларида ҳам ибодатга муҳтождирлар. Худо хотинингизда пок юрак яратиш учун, яратувчилик ва ҳаётбахш сўзларни унга аён қилиши учун сизнинг ибодатларингизга муҳтож. У қачон гапириш кераклиги тўғрисида нимани гапириш кераклиги ва қачон сукут сақлаши кераклиги тўғрисида Худонинг бошқарувига муҳтож. Аёлларнинг биронтаси ҳам эзма деб тасаввур қолдиришни истамайдилар. Бироқ баъзида эр, фарзандлари ва ўзининг ҳаётини тўғрилашга ҳаракат қилади, оилавий ҳаётининг салбий тарафларини кўради, ниманидир ўз кучи билан ўзгартиришга ҳаракат қилади. Агар хотинингиз бир хил муаммо тўғрисида доимий равишда хавотир билан гапираётганини сезсангиз, у билан бирга бу муаммонинг ҳал бўлиши учун ибодат қилинг. Сиз унинг хавотирликларини тушунганингиздан кейин, уни ҳаяжонга соладиган муаммо учун ибодат қилинг. Шунда унинг фикрини керакли ҳисоблаганингиз фикри уни тинчлантиради. Сиз ибодатингизда Худога барча қийинчиликлар, хавотирлик ҳақида сўзлаб берганингиздан, ўзида енгиллик ҳис қилади. У бу ҳақда ҳатто умуман гапиришни бас қилиши мумкин. Кимдир ўз нутқини назорат қила олса, итоаткорликнинг кўп омилларидан биттаси шудир. Хотинингиз уларнинг ҳар бирида муваффақиятга эришиши учун сизнинг ибодатларингизга муҳтож. У голф терминологиясидан фойдаланган ҳолда драйвер[5] билан фервейга[6] зарб билан ура олиши учун Худода юришда мукаммалликка эришишни хоҳлайди. Майли, зарбани биринчи маротаба мўлжалга уриш қўлидан келмасин. Ҳар қалай, коптокча лойга ботиб қолгани сингари, ноқулай вазиятга тушиб қолмайди. Худо унга: «Яхши ўйнадинг, яхши, содиқ химаткорим», деб айта олиши учун, унинг қалби Худога очиқ бўлсин. Шу учун ибодат қилинг. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • хотинингиз Худога итоатгўй бўлиши учун; • Худо ундан нима кутаётганини ўзи тушуниши учун; • Хотинингиз Худо йўлларидан юришни исташи учун; • Муқаддас Руҳ уни бошқариши учун; • Худонинг сўзлари ҳаётга элтиши учун; • Худо хотинингизга Ўз иродасини бажара олишига ёрдам бериши учун; • Хотинингиз итоаткорлиги билан Худони мамнун қилиши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Майкл Омаритан сўзлайди Хотиним Худога итоат қилади. Лекин итоатгўй бўлиш доим осон эмас. Баъзида Худо Стормидан нима кутаётганини ўзи унча аниқ тасаввур қила олмвйди. Шунинг учун у ниманидир танлашига тўғри келганда «Худо овозини эшита олишим, боришим керак бўлган йўлни кўра олишим учун ибодат қилгин», деб мендан сўрайди. Мен: «Сторми Худога итоатгўй бўлиш фикрида маҳкам турсин, Худонинг хоҳиш-иродасини тайёргарлик билан бажо келтирсин», деб ҳам ибодат қиламан. Мен Муқаддас Руҳ уни шундай бошқаришини сўрайманки, токи унинг итоатгўйликда юриши истаги табиий ҳолда туғилсин. Бир куни Худо менга Ўз иродасини очиб берди: биз бошқа штатга кўчишимиз керак эди. Сторми менинг фикримга қўшилмади. Менга фикрини айтди. Мен билар эдимки, Худо бизга кўчиб боришни амр қилаётган экан, У албатта худди менга мурожаат қилгандек, унга ҳам мурожаат этади. Мен дарров тушундим: Стормига тазйиқ ўтказиш ўрнига, хотиним Худо овозини эшитсин, деб ибодат қилишим керак бўлди. Ниҳоят, бир неча ҳафтадан сўнг, кунларнинг бирида Сторми Худодан очиқ-ойдин кўрсатма олди — бошқа штатга кўчиб ўтадиган бўлдик. Худонинг хоҳиш-иродасини бажаришимиз бизнинг руҳий соғломлигимиз учун муҳим эканлигини кўрсатади. Худо айтадики, Мен учун қурбонликлардан кўра, сизларнинг камтарлигингиз ва итоаткорлигингиз менга кўпроқ маъқул, деб хотиним Худо олдида итоаткор бўлиб юргани мени хурсанд қилади. Менга тасалли беради, чунки итоат қилиш билан хотиржамлик нафақат менинг хотинимнинг қалбида, балки оиламизда ҳукм суради. Сторми фарзандларимизни Худо иродасини бажо келтиришга ундаб, уларга намуна кўрсатаётганини биламан. Биз Худо юзини қидирганимизда, Унга итоат қилганимизда, Худо бизни бошқаради, ҳаётимизнинг маъносини очиб беради. Хотиним Худога итоат этишига ҳалақит берадиган ҳар нарсадан халос бўлиши учун ибодат қиламан. Мен бу ҳақда нафақат ибодат қилишни истайман, балки бу ишда унга намуна бўлишни ҳам хоҳлайман. Ибодат Эй Раббим! Сендан илтимос қиламан: хотиним (хотинингизнинг исми) доимо Сенинг иродангни бажариб, Сенинг йўлларингдан юришига ёрдам бер. Унинг фикрлар ва хатти-ҳаракатлари Сенинг режанг билан қай жиҳатдан тўғри келмаётганини унга кўрсат. Сенинг йўл-йўриқларингни хотиним эшитишига ёрдам бер, йўл-йўриқларингни бажариш истагини унинг қалбига сол.Унга ҳар қандай гуноҳинг учун дарҳол тавба қил, деб эслатиб тур. Унга шундай хатти-ҳаракатларни ўргатгинки, ҳар қандай вазиятда у камтарлиги, итоаткорлигидан гувоҳлик бериб турадиган ҳаракатлар қилсин. Сенинг хоҳишингга итоатсизлик қилишнинг оқибатларидан бири Сендан узоқлашиш эканини биламан. Хотиним Сендан узоқлашадиган ҳар нарсадан халос бўлишига ёрдам бер. У нимада итоатсизлик қилаётганини ўзига кўрсат, уни тўғри хатти-ҳаракат қилишига ўргат. Каломингда айтилгандек: «Амрларга амал қилган жонини асрайди…» (Ҳикмат. 19:16). Уни итоаткорлиги учун марҳаматла. «Мен Худога итоаткор бўлганим учун ҳар нарсага эришаман», деган ўзига ишончни унга ато қилгин. Эй Раббим, Сен айтгансанки: «…одамнинг дилида нима бўлса, тили ўшани гапиради-ку!» (Матто 12:34). Хотинимнинг сўзларидан қуйидагилар тўкилсин, унинг қалбини Сенинг севгинг, тинчлигинг ва шодлигинг билан тўлдирсин. Унинг сўзлари фақатгина ҳаёт ато этиши учун Сенинг Руҳинг унинг нутқини бошқарсин. У Довуд билан бирга: «…тилим ва дилим бирдир менинг», десин (Забур 16:3). Эй Раббим! Каломингда айтилганки: «…тўғри юрганлардан дариғ тутмас неъматин» (қаранг: Забур 83: 12). Хотиним тўғри иш юриши учун Сен ундан неъматларингни дариғ тутмаслигинг учун ибодат қиламан. Айниқса, Сендан шуни сўрайманки, унга тинчлик, узоқ умр бергин (қаранг: Ҳикмат. 3:1–2). Хотиним Сенга итоаткор бўлиб юрсин, Сен уни ортиғи билан баракатлагин. Унинг оғзидан чиқадиган сўзлари, қалбида кечадиган андишалар Сенга мақбул бўлсин, эй бизнинг суянчиғимиз, Халоскоримиз (қаранг: Забур 18:15). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Ўғлим, сўзларимни унутма, амрларимни юрагингда сақла. Улар умрингга умр қўшади, ҳаётинг тинч бўлади. Абадий севгини асло тарк этма. Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол, юрагинг қаърига ёзиб қўй. Ҳикмат. 3:1–3 Донолик билан сўзлайди, меҳр билан насиҳат килади. Ҳикмат. 31:26 Тилини тийган жонини асрайди, тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди. Ҳикмат. 13:3 Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, тонг кун чиққунча ёришаверади. Ҳикмат. 4:18 Фаросатли хотинни ким топа олади? Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд. Ҳикмат. 31:10 20-БОБ. УНИНГ КЕЛАЖАГИ Авваллари қайси ташкилот ривожланиб бораётганини, қайсиси муваффақиятсизликка учраётганини билиш учун, биржа фондининг янгиликларини кузатиб борар эдим. «Қаранг-а, — деб ўзимча мулоҳаза юритардим, — агар мен ўшанда бу ташкилотнинг акцияларини сотиб олганимда, ҳозир қанчалик кўп пулларим бўлар эди!» Олдиндан айтганаларим тасдиқлангани менга жуда ёқарди. Лекин мен ҳеч қандай маблағ қўшмаганим учун бир чақа ҳам фойда олмаётган эдим. Мен доимо яхши фойда келтирадиган ташкилотга пул қўйишни бошламагунимча давом этди. Бизнинг келажагимиз ҳам худди шунга ўхшаш: агар биз донолик билан пул қўйсак, юқори дивидентларни оламиз. Бироқ биржадаги ўйинлардан фарқ қилгани ҳолда, биз ҳеч нарса қўймасдан, жуда кўп нарсаларни йўқотишимиз мумкин, бизнинг фаолиятсизлигимиз оқибатлари фожеа билан тугаши мумкин. Келажакка қўйиладиган қадамнинг энг фойдали кўриниши ибодатдир. Чунки сиз бундан ҳеч қачон ҳеч нарса йўқотмайсиз. Худо бизга ажойиб келажак, умид учун мустаҳкам асос ваъда қилмоқда. Лекин биз бу учун ибодат қилишимиз керак (қаранг: Ерм. 29:11). Агар сиз хотинингиз келажаги учун ибодат қилаётган бўлсангиз, сизнинг эрхотинлик ҳаётингиз охиригача сизга дивидентларнинг доимий фойдаси учун кафолат беради. Одатда аёллар келажакдан қўрқишади. Бу қўрқувнинг сабаби, эҳтимол, аёл қалбининг ожизлигидан бўлса керак. Аёл фарзандини ёки турмуш ўртоғини йўқотиб, ёлғизликда қолишдан қўрқади, қаттиқ касал бўлиб, зўравонлик олдида ҳимоясиз қолишидан, ҳаёти маъносини йўқотишдан, ўзини таъминлаш қобилиятини йўқотишдан, кераксиз ва ёқимсиз бўлиб қолишдан қўрқади. Унинг кўрқувлари, келажаги тугади, шекилли, деган даражагача борса, у мақсадини йўқотади, унинг ҳаётини саросима, умидсизлик бошқара бошлайди. Уни бу хавотирликдан қутқарадиган ягона нарса — унинг кимлигини, нима учун бу вазиятга тушиб қолганини ўзига очиб берадиган Худо Каломининг Ҳақиқатидир. Худо хотинингизни, қизим, деб атаган (қаранг: Юҳ. 1:12). Худо уни ёлғизликдан асрашни (қаранг: Матто 28:20), уни ҳеч қачон тарк этмаслигини (қаранг: Ибр. 13:5) ваъда қилган. Худо хотинингизга Ўзининг абадий севгисини (қаранг: Юҳ. 15:9) ва ёрдамини (қаранг: рим. 8:37) ваъда қилган. Худо хотинингиз ҳаётида содир бўладиган барча ҳодисалар «яхшиликка хизмат қилиши» га (қаранг: Рим. 8:28) уни ишонтирмоқда. Худо хотинингизнинг келажаги учун айтаётган ҳамма нарсага у ишониши учун ибодат қилинг. ХУДО УЧУН ХИЗМАТКОР АЁЛ Агар хотинингиз Худога хизмат қилаётган бўлса, сиздан жиддий ибодат талаб қилинади. Бу дегани шуки, агар рафиқангиз Худога мураббий, қалб васийлиги билан хизмат қилаётган бўлса, ёки инсон қалбига қандайдир бошқача йўл билан мурожаат қилаётган бўлса, у сизнинг ибодатларингизга муҳтож. У нима қилишидан қатъий назар, минглаб тингловчилар учун хорда қўшиқ айтадими ёки якшанба мактабида болалар билан шуғулланадими ё кекса қўшнисига Худо ҳақида сўзлайдими — доимо сизнинг ибодатларингизга муҳтож. Агар хотинингизнинг исми бутун мамлакатда машҳур бўлса, одамлар билан яккама-якка суҳбатлашиб, уларга руҳий ёрдам бераётган бўлса, унинг Худо Шоҳлиги учун қилаётган барча ишларининг асл маъносини тушунадиган ягона инсон сиз бўлсангиз, у шубҳасиз, сизнинг ибодатларингизга муҳтож. Буларсиз хотинингиз душман учун қулай нишон бўлиб қолиши мумкин. Душман уни яксон қилишга интилиши мумкин. Хотинингиз Худога қанчалик кўп илҳом билан хизмат қилса, шайтоннинг ҳужумлари қаҳрлироқ бўлиб бораверади. Сиз хотинингиз учун қилаётган ибодатларингиз аҳамиятига кам баҳо бермаслигингиз керак. Худо ибодатларингизни эшитади. Ибодатларингиз хотинингизнинг ҳаётини қутқаради, келажакда уни ҳимоя қилади. Агар сиз жамоатда хизмат олиб бораётган бўлсангиз, у ҳолда хотинингиз сизни Худо давъат этаётган ишга ёрдамчи бўляпти. Бу эса душман учун нишон бўлади. Шайтон сизни яксон қилиш мақсадида, аввало уни яксон қилиш учун ҳамма нарсани қилади. Худони улуғлаган ҳолда ўз бурчини астойдил муваффақият билан бажараётган оилали эркакни менга кўрсатинг. Мен эса сизга душман ўқлари олови остида бўлган унинг хотинини кўрсатаман. Агар сиз хотинингиз билан бирга Худога хизмат қилаётган бўлсангиз, у ҳолда зулмат ҳукмрони бунга бардош бера олмайди. Душман ҳар иккингизни барбод қилиш учун барча воситалардан фойдаланади. Бир-бирингиз учун ибодат қилишга тайёр бўлинг, руҳан етук имонлиларнинг ибодати орқали қўллаб-қувватлашларига сазовор бўлинг. ДОНОЛИК — БАХТЛИ КЕЛАЖАК ГАРОВИ Донолик — хотинингиз, эҳтимол, ҳамма нарсадан ҳам келажакка элтувчи калитдир. Ҳаётимиз баъзан тўсатдан ўзгариб қоладики, вазият қўлимиз остидан чиқиб кетади, биз йўлимиздан адашамиз. Чунки биз доноликка, Худодан келадиган ваҳийга эга бўлмаймиз. Хотинингиз маблағ сарфлашни билиш учун, одамларнинг фарқига бориши, тўғри ҳаракат қилиши учун, ҳақиқат билан ёлғонни фарқлай билиши учун, керак вақтда керак жойда бўлишни билиши учун доно бўлиши зарур. Муқаддас Китобда тасвирланган аёлнинг мукаммал тимсоли доноликка тўла, бу эса ибодатсиз бўлмайди (қаранг: Ҳикмат. 31:26). Кун давомида аёл турли хил қарорларни қабул қилишига тўрғри келади. Бунинг учун эса у Худо берадиган доноликка эга бўлиши зарур (қаранг: Ёқуб 1:5). Агар сиз хотинингиз учун донолик, ақл-идрок, фаросатни сўрасангиз, унга Худодан билим келади. У Худода ким эканлигини англаб етади. Хотинингиз доноликка эришиб, ҳаётда тўғри йўлни танлай олади. Бахтли келажак учун яна нима керак?! Агар сиз Худодан келган донолик, заковат, тушуниш ва билимга эга бўлсангиз, келажак ҳақида қайғурмасангиз ҳам бўлади. Авваллари мени келажагим хавотирга соларди. Чунки кўз ўнгимда мен учун ўша вақтда ўзим муҳим деб ҳисоблаган вазият пайдо бўларди. Лекин бир куни қавмбоши Жек Хайфорд менга шундай деди: «Ўзингнинг ҳозирги ҳолатингни гўё келажак ҳаётингнинг башорати сингари қабул қилма». Сизга бу гаплар маъқулми? Агар сиз бугун ҳаётингиздан мамнун бўлмасангиз, бу абадий шундай бўлади, дегани эмас. Биз, аёлларда, бир хусусият бор. — биз ҳозирги вазиятни ҳеч қачон ўзгармайди, деб қўрқамиз. Қамбоши Жек менга: «Сенинг келажагингни одамлар нақадар қўрқинчли, деб айтсалар, уларнинг фикри билан келажагинг тўғрисида ҳукм қилма». Кимдир бизга: каромат қилган бахтсизликлар тўғрисида хавотирланишимиз керак эмас. Журналистлар биржаларида нима бўлаётгани ҳақида олдиндан айтиб берар экан, қўшнимиз, ҳамкасбимиз ёки Бетси хола келажак ҳақида нима деяётганлари тўғрисида хавотирланишимизга ўрин йўқ. Худо келажагимиз ҳақида нима дейиши биз учун муҳим. Биз келажакни тўғри кўра билишимиз кераклигини Худо таъкидлайди. Шу боис ҳам биз Худодан буни бизга инъом этишини сўрашимиз керак. Худодан ваҳий олиш дегани — Худо бизга келажагимиз тўғрисида ҳаммат тафсилотларни гапириб бермоқчи, дегани эмас. У фақат Ўзини бизга очиб беришга ваъда беради. Чунки Худо бизнинг келажагимиз. Агар биз Раббимизга ишонсак, У тайёрлаб қўйган келажакка бизни олиб боради. Шунинг учун, хотиним келажакда нима қилишини Худодан олсин, деб қилган ибодатингиз унга келажаги ҳақидаги билимга эга бўлиши учун кафолат бермайди. Бироқ сизнинг ибодатларингиз хотинингизга унда келажак борлигини, у гўзал эканини кўришга ёрам беради. Шунинг ўзи кифоя. Келажакнинг катта қисми биздан яширинган экан, ҳатто воқеалар энг мақбул ҳолатда кетганда ҳам, барибир ишончимиз комил бўла олмайди. Фақат душман режасига асосан ҳаётимизни тўсиб қўйиши мумкин. Шу ниятини ҳеч қачон ўзгартирмаслиги сабабли ҳамма нарса бир зумда ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам Худо бизни ҳимоя қилишига, Ўз режасини бажаришига ишонч ҳосил қилайлик. Бунинг учун ҳушёр бўлиб, ибодат қилишни тўхтатмаслигимиз керак. Хотинингизнинг келажаги ҳақида ибодат қила туриб, шуни унутмангки, сиз ўзингизнинг келажагингиз учун ҳам ибодат қиляпсиз. Чунки сизнинг келажагингиз уникидан ажралмагандек, унинг келажаги ҳам сизникидан айри эмас. Сизларнинг ҳаётингиз бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Шу боис сизнинг ибодатларингиз бир нарсага аник кафолат беради — ибодатларингиз сизнинг эр-хотинлик ҳаётингиз охиригача хавфсизликни таъминлаб, сизга албатта фойда беради. Агар хотинингиз учун ибодат қила туриб, унинг келажагига ҳисса қўшар экансиз, мен сизга кафолат бераман: сизнинг ҳаётингиз ҳам Худонинг марҳамати ила бой бўлади. АЁЛЛАРНИНГ ЭҲТИЁЖЛАРИ Илтимос, хотинингиз учун қуйидагилар тўғрисида ибодат қилинг: • Хотинингиз келажакдан қўрқмаслиги учун; • У доно бўлиши учун; • Унинг келажаги ажойиб бўлишига ишониши учун; • Хотинингиз тўғри қарорларни тез қабул қила олиши учун; • У келажаги тўғрисида шайтоннинг ёлғон ваъдасига қулоқ солмаслиги учун; • У кекса ёшида ҳам яхши ҳосил келтириши учун; • Келажакда у душмандан ҳимоя қилиниши учун. ЭРЛАРНИНГ ГУВОҲЛИКЛАРИ Эдди Л. Лонг — Лифониядаги (Жоржиа штати) «Юқоридан туғилиш» миссионер баптист жамоасининг катта қавмбошиси сўзлайди. У билан рафиқаси Ванесса оила қурганларига 11 йил бўлди, тўртта фарзандлари бор. Кўпчилик менга, хотининг — иккинчи онанг, деб айтадилар. жамоатимизнинг 22 мингдан кўпроқ қатнашувчилари. У майин, маданиятли, меҳрибон, содда ва художўй аёл. У шон — шуҳрат қидирмайди. Бироқ Ванессанинг ҳаёти менинг ҳаётим билан боғлиқ бўлгани учун, менинг хотиним бўлгани учун, у кўпинча қатнашувчиларнинг диққат билан кузатувларини ҳис қилганлари учун мен билан бирга ваъз қилишига тўғри келади. У ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишдек ноёб қобилият эгаси, мен эса доимо хотиним Худо овозини эшитиб, Унинг хоҳиш-иродасини тушунсин, деб ибодат қиламан. Бир неча йиллар мобайнида мен хотинимда маълум ўзгаришларни сезиб бордим. У жамоатимиз диққатини қавмимиздаги аёллар бошқа аёлларнинг муаммосига қаратарди. У ўз олдига мақсад қўйди. Унинг мақсади — аёллар муаммосининг тубига етиб бориш эди. Мен шунга ишонаманки, хотиним учун қилган ибодатларимга Худонинг жавоби бор. Бу жавоб ҳар куни қалби вайрон бўлган одамларнинг шифо топиб, бузилган оилалар тикланишига Винесса ёрдам беришида намоён бўлмоқда. Винесса бошқараётган «Қалбдан-қалбга» аёллар ташкилоти ибодат қилмаса, аёлларнинг юрагига таъсир қилиб, бугунги кундаги каби, кўп оилаларнинг ҳаётини ўзгартира олмаган бўларди. Мен бу ўринда Худонинг режаси ёки оиламиз, дўстларимиз қилаётган ибодатларнинг аҳамияти ҳақида муҳокама юритишни бошламоқчи эмасман. Лекин мен хотиним учун ибодат қиламан. Ибодатларим унинг ҳаётига ижобий таъсир қилмоқда. Унинг эри сифатида мен шунга ишонаманки, хотиним Худога хизмат қилар экан, менинг ибодатларим унга гуноҳларидан фориғ бўлишга ёрдам беради. Ибодат ҳаётни ўзгартиради. Ибодат Худо қудратининг амал қилиши учун эшик очади. Мен ўзим ҳам фойда олган ҳолда, Ванесса учун ибодат қилишни давом эттиряпман. Ибодат Ванессани биладиган барча одамлар учун мраҳаматдир. У Худони улуғлаяпти, айни пайтда унинг ўзи ҳам улуғворликда ўсиб бораётганини кўряпман. Менинг хотиним — менинг шарафим, Худо берган инъомдир. Кези келганда айтай, ибодатларим ўзимга ҳам таъсир ўтказмоқда. Чунки мен у билан бирга Масиҳда ўсиб бормоқдаман. «Эгамизни севарман, У мени эшитар, Менинг илтижоларимни У тинглар. Қулоқ бериб мени тинглагани-чун, Умрим бўйи Эгам деб сажда қилурман» (Забур 114:1–2). Ибодат Эй Раббим! Сендан сўрайман: хотинимнинг (хотинингизнинг исми) ўтмиш, ҳозирги вақт ва келажак ҳақидаги фикрлари унинг қалбига мутлақо хотиржамлик олиб келсин. Унинг келажаги мақсадини ато қил, у Сенинг қўлларингда экан, бехатарлигига ишонч ҳосил қилсин. Уни ва у учун қадрли одамларни душмандан асра. Сен хотиним учун тайёрлаб қўйган келажакни ҳеч ким тортиб олмаслиги учун уни ўтмиш кишанларидан охиригача озод қилгин. У келажакка ўзинг қарагандек қарашига, душман унга уқтираётган ёлғонга ишонмаслигига ўргат. Худо айтади: «Сизлар учун тузган режаларимни аниқ биламан. Ушбу режаларим сизларга ёмонлик эмас, яхшилик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради» (Ерм. 29:11). Келажакдан қўрқишига сабаб йўқлигини унга очиб бер. Эй Раббим! Сендан сўрайман: хотиним (хотинингизнинг исми) га ҳар нарсада донолик бер. У ҳар қандай қарорни қабул қилишида Муқаддас руҳ бошқарсин. У ишида, одамлар билан мулоқотда, маблағ сарфлашда доно, заковатли бўлишига ёрдам бер. Унга ҳақиқатни ёлғондан фарқлаш қобилиятини ато қил. Сенда донолик топсин, Ўзинг ваъда қилган узоқ умр, шодлик, бойлик ва бахтга эга бўлсин (қаранг: Ҳикмат. 3:21–26). Ўзаро қарор қабул қилишимизда бизга донолик ато қилгин. Жумладан, мен тўғри қарор қабул қилишда мен Сендан ёрдам сўрайман (сиз иккалангиз қарор қилишингиз керак бўлган қарорни айтинг). Бу масалада Сенинг хоҳиш-иродангни тушунишимизга ёрдам бер. Сенинг ниятингга тўғри келадиган, Сенга маъқул келадиган қарорларни қабул қилиб, танлашга бизни ўргат. Хотиним (хотинингизнинг исми) Сенинг уйингда дарахтдек ўссин, ҳовлингда яйраб-яшнасин, деб ибодат қиламан. У ҳар йили мўл ҳосил берсин, бақувват, серҳосил бўлсин (қаранг, Забур 91:14–15). Унга узоқ умр бериб марҳаматла, у Сен белгилаган вақтгача заминий ҳаётнинг охиригача етиб борсин. Сен, бир дақиқа ҳам олдин бормасин, деб айтгансан. Бу давр, шодлик, тинчлик билан ҳамнафас бўлсин, азоб, зулмат бўлмасин. У ҳақда Сенинг бу дунёдаги нуринг, деб гапирсинлар. Бу кунда мен хотинимга шундай деб айтмоқдаман: «Сен Унда тўла-тўкис бўлдинг» (Кол. 2:10). Мен қатъий ишонаманки, «Худо сизларда бошлаган хайрли ишини то Масиҳ келадиган кунигача тамом қилади» (Фил. 1:6). Мен унга яна шуни айтаман: «Тур, яшна, чунки сенинг нуринг келди ва Худо улуғворлиги устингга чиқди» (Ишаё 60:1). МУҚАДДАС КИТОБДАН сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар Худди Тавротда ёзилганидек бўлди: «Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, Инсон ақли бовар қилмаган нарсаларни Худо Ўзини севганларга муҳайё қилган». 1 Кор. 2:9 Чунки албатта келажак бор, умидинг рўёбга чиқади. Ҳикмат. 23:18 Ўғлим, донолик ва фаҳм-фаросатни маҳкам ушла, назарингдан қочирмагин. Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади, бўйнингга безакдай бўлади. Йўлингда эсон-омон юрасан, оёғинг эса қоқилмайди. Бехавотир ётасан, уйқунг ширин бўлади. Бехосдан келадиган офатдан қўрқма. Ёвуз ҳужум қилганда ҳам қўрқма. Чунки Эгамиз ёнингда бўлади, сени қоқилишдан асрайди. Ҳикмат. 3:21–26 Уй ва бойлик отадан мерос, фаросатли хотин эса Эгамиздандир. Ҳикмат. 19:14 Чунки сизлар учун тузган режаларимни аниқ биламан. Ушбу режаларим сизларга ёмонлик эмас, яхшилик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради. Ўша дамлар Менга қилган илтижою ибодатларингиз ижобат бўлади. Мени бутун қалбингиз билан изласангиз топасизлар. Ерм. 29:11–13 ЕСЛАТМАЛАР 1. Дислексия — Ўқиш кўникмасини эгаллаш қобилиятининг бузилиши. — Муҳаррир изоҳи. 2. Калифорнияда ўтказилган «Pebble Beach Concours d’Elegens» шоуси ноёб ҳодиса бўлган эди. У ерда энг чиройли, антиқа, камдан-кам учрайдиган автомобиллар кўргазмаган қўйилган эди. — Муҳаррир изоҳи. 3. Ти — ҳар бир чуқурчадан ўйин бошланадиган майдондаги алоҳида жой (одатда баландроқ қилиб кўтарилган). — Муҳаррир изоҳи. 4. Кар — голфни майдонда ҳаракат қилдириш учун унча катта бўлмаган ток ёки бензин билан юрадиган автомобиль. — Муҳаррир изоҳи. 5. Драйвер — энг кучли зарба учун даста — муаллиф изоҳи. 6. Фервей — ўйин майдонининг энг катта қисмини эгаллайдиган, ўртача узунликдаги майсазор.