ДЖОН МЭЙСОН ЧАЛҒИТИШ НОМЛИ ДУШМАН Декстер Р. Яджер СЎЗ БОШИ Бир тадқиқотчи муваффақият сирини топишга қарор қилибди. У кўп ойлар мобайнида одамлардан беҳисоб маълумотлар тўплаб, ниҳоят шундай хулосага келибди. “Бу ўринда ҳеч қандай сир йўқ, – эълон қилибди у. – Ҳамма гап заҳматли меҳнатда. Одам муваффақият сари зинапоялардан кўтарилиши керак. Уни лифтда ҳеч ким юқорига кўтармайди”. Кимки қатъий тарзда ишга киришса муваффақиятга эришади ва унинг олдида чалғитиш иложсиз ҳолда қўлларини туширади. Чалғитиш – бу юксакликдаги нарсалардан пастда турадиганларга тўғри келадиган хусусиятдир. Агар сизнинг фикрларингиз ва эътиқод қилишингиз нотўғри бўлса, у ҳолда ҳаётингиз бахтсиз, зерикарли ва бефойда бўлиб қолади. Муваффақият ҳақида фикрлашингиз ва тафаккурингиз ривожланиши учун, улуғликка ишонишингиз ва чалғитишдан юқорига кўтарилишингиз учун сиз ўзингизда тўғри фикрлаш хусусиятини ривожлантиришингиз зарур. Ривожланишингиз учун, улуғликка ишонишингиз ва чалғитишдан юқорига кўтарилишингиз учун, муваффақият ҳақида ўйлашингиз учун сиз ўзингизда тўғри фикрлаш хусусиятини ривожлантиришингиз зарур. Сизни рад этишга, ишончсизликка ва умидсизликка мослаб тарбиялашганми? Аммо сиз ўзгаришингиз мумкин. Ўтмишингизнинг нотўғри тажрибалари ва барча салбий оқибатлари ҳаётий қарашларингиз ўзгариши натижасида ижобийлик касб этиши мумкин. Вильям Жеймс шундай деганди: “Менинг асримдаги энг буюк кашфиёт шу бўлдики, инсон вазиятга ўз муносабатини ўзгартирган ҳолда уни ўзгартириши мумкин”. Биз ўзимиз қабул қиладиган маълумотга асосан қандай фикрлашни ўрганамиз. Биз олаётган маълумотга асосан фикрларимизни қандай ўзгартиришни ўрганамиз. Нима кираётган бўлса, чиқиши ҳам муқаррар. Сиз келажакни назорат қиласиз, негаки сиз ўз фикрларингизни бошқара оласиз. Айримлар омад сизнинг биргина қарорингиз оралиғида эканлигини уқтирадилар. Бу ҳақиқатнинг фақатгина бир қисми, холос. Бундай қарор ортида машаққатли меҳнат бўлиши талаб этилади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг саксон фоиз ютуқларига ўз устида изланиб муваффақият қозонган инсонлар сабабчи бўлишган. Бугунги кунда мамлакатимизда муваффақиятга эришган инсон саксон фоиз ютуқлар учун жавобгардир. Қизиқ, йиллар ўтсада рақамлар ўзгармаяпти. Улар шундайлигича қолмоқда. Йигирма фоиз одамлар саксон фоизлик натижаларга эришмоқда, саксон фоиз инсонлар эса йигирма фоизлик натижани қўлга киритишмоқда. Сиз, бу рақамлар деярли йигирма беш йилдан буён ўзгармаётганлигини билганингиздан сўнг, бу унчалик катта натижа эмаслигини тушунасиз. Сизнинг ривожланишингиз имконияти, қўйган маблағларингиздан келган даромадлар ҳаракатларингиз натижасида ортиб боради ва энди фақатгина вазиятни кўра билиш ва истакларингиз шахсий мустақиллигингизни ҳимоя қилиши мумкин. Сизнинг ривожланишингиз имконияти, сармоянгиздан келган даромадлар қилган ҳаракатларингизга боғлиқ, бироқ шахсий эркинлигингиз фақатгина истакларингиз ҳамда вазиятни қандай кўра билишингиз туфайли чекланиши мумкин. Энди шунинг ўзи ҳам сизни чалғитишдан юқорига кўтара олади. Демак, сергак тортинг! Демак, дадил бўлинг! Сизда бунинг учун бир талай сабаблар бор, Худо сизни Ўз қиёфасига ва шахсига ўхшатиб яратди, алоҳида иқтидор ва қобилиятлар ато этди. Агар сиз бошқаларга ёрдам бериш учун уларни ривожлантирар экансиз, чалғитувчи бўлиб қолишдан хавотирланишингизга ҳожат йўқ. Бундай душман албатта мағлуб бўлади. Декстер Р. Яджер КИРИШ Чалғитиш – бу, шимолда келишмовчилик билан, жанубда қатъиятсизлик билан, шарқда ўтмишга афсус билан, ғарбда эса вазиятни етарли даражада кўра билмаслик билан чегараланган жабҳадир. Кунлардан бирида мен хаёлимда “Чалғитиш номли душман” жумласи билан уйқудан уйғондим. Шу лаҳзадаёқ мен узоқ вақтлардан буён яратаётган китобимга Худо шундай ном берганини тушундим. Ушбу китобнинг мақсади ҳаётингизда яхшиланишга муҳтож бўлган жабҳаларни аниқлаш ва Худо сизга берган хусусиятларни уйғотишдир. Ҳар бир одамга уни бетакрор қиладиган муайян бир қобилият ва имкониятлар тўплами ато этилган. Бундай тўплам ниҳоятда муҳим. Худо ҳар биримизга ўзимизга хослик сари интилишни сингдирган. Мен ушбу китобни ўқиш қизиқарли ва енгил кечиши учун ундаги боблар олтин ёмбиларини эслатишини ва сизга кўпроқ олтинлар етказишини хоҳлайман. Сиз шахсий юксалишингиз учун ушбу китобнинг эллик икки бобидан – олтин ёмбилардан ҳар куни фойдаланишингиз мумкин. Худо Ибтидо Китобида (3:9) Одам Атодан сўрайди: “Қаердасан?” У ҳозиргача ҳар биримизга шу саволни бермоқда. Худонинг биз учун тузган режасига нисбатан биз ҳозир қаердамиз? Биз ўзимизга берилган иқтидор ва қобилиятлардан қандай фойдаланаяпмиз? Мен ушбу китобни ўқиётган чоғингизда айнан Худо чалғитишнинг барча жабҳаларини босиб ўтишингиз ва ўз вазифангизни бажаришингиз учун режа тузганини ва ўзгаришингиз учун ёрдам беришини Муқаддас Руҳ сизга очиб берсин дея ибодат қиламан. 1 ҚИСМ. ИЧКИ ОЛАМГА НАЗАР 1 БОБ Кул ранг – ноаниқлик ранги Ўзингизнинг ҳозирги ҳолатингизни оқлашга ҳеч қачон ҳаракат қилманг. Ҳужумга ўтинг, ҳимояланманг. Кимки ҳимояланиб қолса, ҳеч қачон ўрта даражадан юқорига кўтарила олмайди. Биз, масиҳийлар, ташаббусни қўлга олиш учун чорланганмиз. Бетайин, беқарор одамлар ўзларининг бойлиги, маълумотлари ёки жамиятдаги ўринларига қарамасдан ўзларини хавфсизликда ҳис қилишолмайди. Худо сизни ўзингизга хос, ғаройиб ва ҳайратомуз қадам қўйишингизга чорлаётганида барқарорлик учун қилаётган изланишлар сизни чалғитишига йўл қўйманг. Кўп ҳолларда барқарор ҳаётни сақлаш истаги ўзимизнинг беқарорлигимизни оқлашга айланиб қолади. Ёшуа Нун китобида Худо уч марта шундай дейди: “Қатъий ва дадил бўл”. Мен бугунги кунда ҳам Худо ҳар бир имонлига шундай демоқда деб ҳисоблайман. Қачонки сиз ҳужумга ўтишга аҳд қилар экансиз, ҳаётингиз муҳити ўзгара бошлайди. Ўз навбатида, ўзингиз яшаётган бундай муҳит сизга ёқмаса, ҳужумга ўтишга қарор қилинг. Ҳужумга ўтиш демак, бу шунчаки ҳаракат эмас, балки қарор қабул қилиш демакдир. Қачонки ҳужумга ўтишга қарор қилар экансиз, барча шахсий зиддиятларни орқага суриб ташланг. Атрофингиздагилар билан эмас, муаммонинг ўзи билан курашинг. Бошқалар қила олмайдиган ишлар ҳақида эмас, балки Худо сизда нимани ўзгартира олиши ҳақида гапиринг! Ўзингизни мунтазам оқлаб ва ҳимоялансангиз, сиз ҳеч қачон олдинга силжий олмаслигингизни кўрасиз. Ташаббусни ўз қўлингизга олиш бу – ҳаётингиздаги имкониятлар эшигини очиш учун асосий калитдир. Ташаббусни ўз қўлингизга олиш одатларини ўзлаштириб олинг ва ҳеч қачон кунни сусткашлик билан бошламанг. Ҳар куни эрталаб уйқудан туриб оёғингизни ерга қўяр экансиз, ҳужумга ўтиш ҳақида ўйланг, яъни ўз ҳаётини ва бугунги кун воқеаларини бошқара оладиган одамдек фикрланг. Орқага чекинган ва ўзингизни оқлаган ҳолда сиз одатда муаммони янада чигаллаштирасиз. Қўрқув, иккиланиш ҳамиша мағлубиятга ҳамроҳ бўлади. Агар қайси йўлдан боришни билмасангиз, ибодат қилинг ва мустаҳкам имон билан олдинга интилинг. Сиз кўл ўртасида бўрон ҳамлага олган икки балиқчидан ибрат олинг. Ўшанда бирови иккинчисига ўгирилиб сўрабди: “Қирғоққа қараб сузамизми ёки ибодат қиламизми?” Унинг доно ўртоғи шундай жавоб қилибди: “Биз унисини ҳам, бунисини ҳам қиламиз!” Бу эса олдинга юриш ва ҳужумга ўтиш демакдир. 2 БОБ Ривожланиш муаммоларни ҳал қилиш орқали эмас, балки иқтидор, хусусият ва қобилиятларни такомиллаштириш орқали юз беради Одамлар кўпинча Худо уларга ато этган қобилиятларни асрай олишмайди. Шуниси ғалати кўринадики, айрим одамлар табиий қобилиятларига мос келмайдиган касбни эгаллаш учун бутун умрларини сарф қилишади. Бунинг акси ҳам ҳақиқат: кўпгина кишилар ўзларига Худо сингдирган қобилиятни ўзгартириш учун бутун ҳаётларини бағишлашади. Биз эса Худонинг фарзандлари эканмиз, ўзимизга ато этилган илоҳий қобилиятларни, иқтидор ва кучли тарафларимизни англашимиз ҳамда уларга таянган ҳолда кучимиз етган ишларни бажаришимиз лозим. Худо неъматлари ва даъватларининг қиймати шундаки, улар доимий ва ўзгармасдир. Римликларга мактубда (11:29) шундай дейилган: “Чунки Худонинг инъомлари ва даъвати ўзгармасдир.” “Ўзгармас” сўзининг юнонча таржимаси “ўзгартириб бўлмас”, “қайрилмайдиган”, “охирги” маъносини англатади. Худо сизга ато этганларини қайтариб олмайди. Ҳаттоки, агар сиз даъватга амал қилмай вақтингизни беҳуда сарфласангиз ҳам, илоҳий қобилиятлар ва даъватлар сизга келиб тураверади. Улар ҳозир ҳам сизда мавжуд ва улардан шу заҳотиёқ фойдаланиб бошлашингиз мумкин. Иқтидор ва қобилиятлар бу ҳақиқатдан ҳам бизнинг шахсий ҳисобимизга Худонинг қўйган жамғармасидир, аммо биз фақатгина унинг фоизлари билангина чегараланиб қолаяпмиз. Фоизлар ҳисоби қанчалик юқори бўлса, эътибор ҳам шунчалик ортадики, уларни биз яна қайтарсак, қиймати бунданда ошади. Илоҳий қобилиятлар бу қимматбаҳо қоғозлар эмас, балки жамғармадир. Шу боис, у тугаб қолмайди. Амалда улардан қанча кўп фойдаланилса, қадр-қиймати шунчалик ортади. Тўлақонли тарзда фойдаланилган қобилият шундай бир даражадаги тушуниш ва кашфиётларни берадики, бунақасига бошқа йўл билан етишиш мумкин эмас. Ҳолбуки, биз масиҳийлар эканмиз, Худо томонидан бизга берилганлардан тўлақонли фойдаланишимиз зарур. Кимдир шундай деганди: “Агар сиздаги биргина асбоб фақат болға бўлса, у ҳолда сиз бошқаларга худди михга қарагандек муносабатда бўлишга интиласиз”. Сиз бундай хато қилманг! Худо сизга ато этган барча қобилиятларни ишга солинг. Мабодо олдинга интилишни, ҳаётингизда ўз қобилият ва иқтидорларингиздан фойдаланишни рад этсангиз, у ҳолда бу дунёдаги кунларингизни кимнингдир мақсадига эришиши учун сарф қиласиз. Кўпчилик одамлар ўз тақдирларини бошқалар бошқаришига имкон беришади. Ҳеч кимга ҳаётингизда йўлбошчилик қилишига йўл қўйманг. Ўз орзуларингизни ҳаётга тадбиқ этинг ва ўзингиз ҳаётингиз йўналишини белгиланг. Ҳеч қачон ўзингиздаги қобилиятнинг аҳамиятини пасайтирманг. Иқтидор ва қобилиятлар сизга нафақат ўз вазифангизни тўлақонли амалга оширишингиз учун, балки шундай қобилиятларга эга бўлган одамларга таъсир кўрсатишингиз учун ҳам берилган. Шундай одамлар борки, Худо сизга ато этган қобилият ўзларига таъсир кўрсатишини кутишади. Шу боис, ўзингизни қадрланг. Ўз қобилият ва иқтидорларингизни ривожлантиринг. Шу бугунданоқ Худо сизга берган иқтидор ва даъватларни амалга ошириш ва фойдаланиш учун имкониятларни излашни бошланг. 3 БОБ Бульдогнинг бурни орқага қайрилган, шу боис у тишлаганини қўйвормаган ҳолда нафас олиши мумкин” (Уинстон Черчилль) Бир вақтнинг ўзида кимлардир ўйиндан чиқаётган бўлса, қатъиятли инсонлар муваффақият сари интилишаверади. Биз, масиҳийлар, қатъиятли ва бардошли инсонлар сифатида намоён бўлишимиз керак. Ишонч, қатъият ва тиришқоқлик хислатлари мавжуд бўлган биргина одам фақатгина манфаати туфайли ҳаракат қиладиган мингта одамдан кўпроқ ишни амалга ошириши мумкин. Ибронийларга мактубда (12:1) шундай ёзилган: “Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр–тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик”. Биз қанчалик тер тўкиб ишласак, бизга бу ўйиндан чиқиш ва ҳаммасини ташлаб кетиш шунчалик қийин бўлади. Тиришқоқлик бу одат; худди шундай ҳамма нарсани ташлаб кетиш ҳам одат ҳисобланади. Қачонки сиз бирор нарсани бошлар экансиз, пулингиз, қобилиятингиз ёки жиҳозларингиз етмаслиги сизни безовта қилмасин. Ёдингизда тутинг: нимага эга эканлигингиз эмас, балки ўзингиз эга бўлган нарсадан нимани ҳосил қилишингиз муҳим, – фарқ ана шунда. Кўпгина кишилар иштиёқ ила “эътиқод билан оташин кураш”га киришадилар, бироқ ўз жўшқинликларига кўра улар сабр-бардошни, қатъият ва тоқатни унутиб қўйишади. Джон Биллингс шундай деганди: “Сиз почта маркасига қаранг. Унинг фойдали жиҳати тайинланган жойга етиб боргунига қадар нимагадир ёпиштирилганлик хусусияти билан баҳоланади. Биз, масиҳийлар эса, худди “почта маркалари” каби бошқаларга маълуммиз”. Ҳаворий Павлус Коринфликларга биринчи мактубида (15:58) шундай ёзади: “... эй, азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!” Бутрус бизга шундай дейди: “Эй азизларим, сизлар янги дунёни кутар экансиз, Худо назарида бенуқсон ва беғубор бўлишга, У билан тотув яшашга жон куйдиринглар” (2-Бутрус 3:14 ) Донишманд Сулаймон эса оддийгина баён этади: “Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У... шоҳга хизмат қилади” (Ҳикматлар 22: 29) Одамлар Узоқ Шарқда хитой бамбуги деб аталадиган дарахт ўстиришади. Дастлабки тўрт йил ичида уни суғоришади ва кам миқдорда ўғитлар билан озиқлантиришади. Бешинчи йилда эса уни худди шу тарзда озиқлантирсалар ҳам, дарахт беш ҳафта ичида тўқсон фунт ўсади. Савол: хитой бамбуги беш ҳафта ичида тўқсон фунтга ўсдими ёки бу тўқсон фунт беш йил мобайнида бўй кўтардими? Жавоб: Дарахт беш йил давомида ўсган. Мабодо одамлар шу беш йил давомида уни суғориш ва озиқлантиришни тўхтатиб қўйганларида, дарахт қуриб қолган бўларди. Жуда кўп ҳолларда орзу ва режаларимиз бизга муваффақият келтирмайдигандек туюлади. Биз ҳаммасидан воз кечиш ва ўйиндан чиқиб кетишни хоҳлаб қоламиз. Бунинг ўрнига эса Худо бизга сингдирган орзу ва режаларимизни суғориш ва озиқлантиришда давом этиб, улардан бўлажак ҳосилни йиғиб олишимиз керак. Негаки биз биламиз: агар биз ўйиндан чиқмасак, агар биз қатъиятли ва сабр-бардошли бўлсак, у ҳолда ҳосилни ўриб оламиз. Чарльз Гаддон Сперджен шундай деганди: “Шиллиқ қурт қатъияти боис кемагача етиб борди”. Биз ҳам айнан шиллиқ қурт каби бўлмоғимиз зарур. 4 БОБ Биз саволлар бериб ва худди шундай, уларга жавоб ҳам қайтара олган ҳолда ривожланишимиз мумкин Мана, биз жавоб қайтаришимиз зарур бўлган бир қанча саволлар. 1. Мабодо мен муваффақият қозонишим ҳақида билганимда, қандай ягона қарор қабул қилган бўлардим? 2. Мен ўз иқтидоримни тўлақонли намоён этишдан тўхтатиб турган қайси алоҳида нарсани ўз ҳаётимдан истисно этдим? 3. Мен қандайдир ўзгача ёки қанақадир чалғитиш йўлида турибманми? 4. Агар АҚШ даги ҳар бир одам менинг имоним даражасида бўлса, бу мамлакатда уйғониш юз бериши мумкинми? 5. Шайтон менинг кимлигимни биладими? 6. Мен бирор нарсадан қочаяпманми ёки нимагадир бораяпманми? 7. Мен ўз вақтимдан самарали фойдаланишим учун нима қилишим керак? 8. Мен Исони кўчада учратиб қолсам, таниган бўлармидим? 9. Мен кимни кечиришим лозим? 10. Каломдаги қайси жойлар мен учун энг севимлиси? 11. Мен ишонадиган ва режалаштирган ўша буюк мақсад қандай? 12. Қандай фикрлар мени қамраб олган? 13. Қандай хайрли ишни бошлаб, кейин ташлаб юборганман? 14. Мен ҳурмат қиладиган одамлар ҳақида: уларда менинг ҳурматимга сазовор нима бор? 15. Ижодкорлик хусусияти менинг вазиятимда нималар қилиши мумкин? 16. Қандай ташқи таъсирлар мени яхши ёки ёмон тарафга ўзгаришга мажбур қилади? 17. Мен Исога яна кимнидир олиб келишим мумкинми? 18. Менинг руҳий улғайишимда нималар сабаб, қайси жабҳаларда мен ўзгаришим зарур? 19. Мен қандай иқтидор ва қобилиятларга эгаман? 20. Мен бошқа бировнинг хизматимга яраша жавоб қайтара олмаслигини билганим ҳолда, унга айнан нима қилиб беришим мумкин? 5 БОБ Вақтдан қаерга кетганлигини сўраманг, балки қаерга бориши лозимлигини айтинг Ҳаётда кўп нарсаларга эришадиган одамлар – бу, ўз вақтини назорат қила оладиган одамлардир. Биз барчамиз Худо томонидан бир хил шароитда қўйилганмиз, яъни ҳар бир одамга бир суткада йигирма тўрт соат вақт берилган. Келинг, шундай бир қарорга келайликки биз ҳамиша энг яхши вақтларимизни энг муҳим муаммо ва ҳолатларни бартараф этишга қаратайлик. Қанча қила олишимиз эмас, балки қанча қилганлигимиз муҳим. Биз соатларимизни эмас, вақтимизни назорат қилишимиз керак. Вақтни яхши сақлашнинг энг зўр воситаларидан бири “йўқ” деб айта олишдир. Зарур бўлган пайтда “йўқ” сўзини айта олмаслик вақтни беҳуда кўп сарфланишига олиб келади. Бир доллар баҳога арзийдиган вақтингизни ўн цент топиш учун сарфламанг. Ўтаётган кунингизнинг энг заиф дақиқаларини ҳимоя қилиш учун ғамхўрлик қилганингизга ишонч ҳосил қилинг. “Ҳимоясиз дамлар” бу эрталабки илк ва кеч оқшомдаги сўнгги дақиқалардир. Мен бир диний хизматчининг, одамнинг ҳақиқий ўзлиги ярим тунда ўзи ёлғиз қолганида намоён бўлади, деган сўзларини эшитганман. Ҳеч қачон: “Агар мен майда машғулотлар билан банд бўлмаганимда буюк ишлар қилишим мумкин эди” деб гапиришингизга ўзингиз йўл қўйманг! Ўз вақтингизни назорат қилинг. Сиз ўз вақтингизни қанчалик қаттиқ назорат қилсангиз, озодликни шунчалик кўпроқ ҳис қиласиз. Забурчи шундай дея ибодат қилган “Умримиз кунларини санашни бизга ўргатгин, токи биз доно қалбга эга бўлайлик” (Забур 89:12) . Калом бизга шайтон ўғирлаш, ўлдириш ва ҳалок қилиш учун келганлигини айтади (Юҳанно баён этган Хушхабар 10:10), бу оят эса одамларга ҳам, вақтга ҳам тегишлидир. Душман қимматбаҳо вақтни қандай қилиб ўғирлаш, ўлдириш ва ҳалок қилиш ҳақидаги ғояларни Худо фарзандларига сингдиришни истайди. Одамлар тез-тез шундай дейишади: “Мен шу мақсадим учун боримни берган бўлардим...” Етакчиликнинг 6х1=6 қонунини акс эттирадиган асосий тамойили мавжуд. Агар сиз китоб ёзишни, мусиқа асбобида чалишни ўрганишни, яхши спортчи бўлишни ёки муҳим нимадир бир ишни қилишни хоҳласангиз, у ҳолда ҳар ҳафтада бу машғулотга ҳар куни олти соатдан вақтингизни ажратишингиз зарур. Сизнинг орзуингиз ўзингиз ўйлаганингиздан ҳам барвақт амалга ошиши мумкин. Бу оламда инсон бир йилда уч юз ўн икки соат вақтини сарфлаб, ўрганиб олиши мумкин бўлмаган нарсалар унчалик кўп эмас! Бунинг учун бир ҳафтада олти маротаба ҳар куни бир соатдан вақтингизни ажратсангиз кифоя. Биз ҳаммамиз ҳар куни бир хил миқдордаги вақтга эгамиз. Одамлар ўртасидаги фарқ улар ўз ихтиёрларидаги вақтдан қандай фойдаланишларига боғлиқ. Тинч океани узра самолётини бошқариб ўтаётиб, пассажирларига: “Биз ҳалок бўлаяпмиз, аммо вақтимизни ҳозир аъло даражада ўтказаяпмиз!” деган учувчига ўхшаманг. Унутманг, келажак ҳар бир навбатдаги соатдан бошланади. Ўз вақтингиз устидан назорат ўрнатинг, ана шунда ўз ҳаётингиз устидан назорат ўрнатишга эришасиз. 6 БОБ Тўққизинчи амрни адо этинг Бизларнинг орамизда Каломни тадқиқ этмайдиганлар ҳам бор ва уларни тўққизинчи амрнинг мазмуни шундай хулоса чиқаришга олиб боради: сен алдамаслигинг керак! Ҳар бир масиҳий мутлақо ҳалол бўлиши зарур. Кул ранг бизга тўғри келмайди, биз учун ранг қора ёхуд оқ бўлиши керак. Ёлғонга асосланган умид мағлубиятни бошлаб беради. Ҳеч қачон бирор нарсани ёлғонга ёки чала–ярим ҳақиқатга асосланиб қурманг. Сизнинг бу қурганингиз узоққа чидамайди. Айтадиларки, рақобат унчалик кучли бўлмаганлиги боис, ҳалол одамга яшаш осонроқ кечади. Дарҳақиқат, фақат ҳалол ва покиза одамгина тўғри асосга эга бўлиши мумкин. Ёлғон Худонинг бизга йўллаган хоҳиш–иродасини албатта исканжага олади. У номақбул ҳаракатларга олиб келади. Ёлғон сиз алдаб эришадиган натижаларга таққослаганда, кўпроқ йўқотишларингизга сабаб бўлади. Одамлар кўникмаларни жуда тез ўзлаштиришади. Бир маротаба ёлғон сўзлаш учун ўзига эрк берган одам кейинги сафар буни осонроқ уддалайди. Ёлғон – бу тағин тузоқ ҳамдир. Ҳеч ким доимо ишонарли даражада алдаши учун етарлича яхши хотирага эга эмас. Т.Л.Осбори шундай дейди: “Ҳамиша тўғри гапиринг, ана шунда нималарни айтганингизни ҳеч қачон эслашингизга тўғри келмайди”. Ҳикматлар китобида шундай ёзилган: “Ёлғончи тил Эгамизга жирканч, тўғрилик билан иш қиладиганлар эса Унинг севинчидир” (Ҳикматлар 12:22) “Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди, ёлғончи ҳалок бўлади” (Ҳикматлар 19:9), Колосаликларга мактубда (3:9-10 ) ҳаворий Павлус бизни огоҳлантиради: “Бир-бирингизга ёлғон гапирманглар. Чунки сизлар эски табиатингизни ёмон одатлари билан бирга ўзингиздан соқит қилдингизлар. Бунинг ўрнига сиз янги табиатга буркандингиз. Сизлар Худони яқинроқ билиб бораркансиз, сизнинг янги табиатингиз уни яратган Худонинг сурати бўйича ўзгариб бормоқда.”. Мана, ёлғоннинг еттита оқибатлари. Агар сиз алдасангиз: 1) Сиз ўз ҳаётингизга ёлғончиларни жалб қиласиз (Ҳикматлар 17:4) 2) Сизга донолик етишмайди (Забур 118:104) 3) Сиз ҳеч қачон эришадиган натижадан баҳра оломайсиз (Ҳикматлар 12:19; 21:28). 4) Сиз ҳаётингизни қулликда якунлайсиз (Гал. 2:4) 5) Сиз жазога гирифтор бўласиз (Ҳик.19:5) 6) Сиз аҳмоққа айланасиз (Ҳик. 10:18) 7) Ёлғонингиз ўзингизга қайтади (Заб. 7:14-16) Кичкинагина оппоқ ёлғон ўсиб катта қора ёлғонга айланади. Сиз тўққизинчи амрни бузмаган ҳолда, қулликни эмас, озодликни танланг. 7 боб “Биттагина соати бўлган одам вақтни аниқ билади; иккита соати бор одам эса доимо иккиланади”. (Номаълум муаллиф) Сиз бу оламдаги энг бахтсиз одамлар ўзлари қарор қабул қила олмайдиган одамлар эканлигига ҳеч эътибор берганмисиз? Одамнинг онги қачонки шубҳага борса, у кичик бир ҳолатда ҳам иккиланиб қолади. Бу эса кўпгина нотўғри қарорларга эшик очиб беради. Беқарорлик одатда ёмон ҳолатларнинг янада бузуқ тус олишига сабабчи бўлади. Беқарорлик нобуд қилади. Ҳақиқат шуки, йўлдаги энг хавфли жой – бу унинг ўртасидир. Биз, имонлилар, барча инсонлар ичида энг қатъиятлиси бўлишимиз лозим. Масиҳий етакчилар шунчаки хоҳишга эмас, балки иродага ҳам эга бўлишлари зарур. Ёқуб ўз мактубида (1:8) беқарор одамни шундай таърифлаган: “У Худога таянмагани учун ҳаётида беқарор, ўзгарувчан бўлади”. Нотайин одам ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзига ишончсизликни ҳис қилиб туради. Агар биз ўзимиз учун керакли қарорни қабул қила оладиган бўлсак, у ҳолда бошқалар учун зарур бўлган нарсаларни ҳамиша бажара оламиз. Сиз истакларингизни мавжудлик билан қанчалик алмаштирсангиз, ҳаётингизда ўртамиёналик даражаси шунчалик кўтарилади. Қарорлар қабул қилиш, ўзини мақсадга йўналтириш, орзулар рўёбга чиқиши учун ўзини бағишлаш муваффақиятга эришиш имконини анчайин оширади. Шунингдек, бу нотўғри танловнинг эҳтимолини бартараф этади. Биз барчамиз “орзуларга ўзини бағишлаганлар ёки айтишим мумкинки, қатъиятли орзумандлар” бўлишимиз лозим. Гарри Трумэн қачонлардир қайд этганди: “Баъзи бир саволларга жавоб беришнинг иложи йўқ, аммо уларни ҳал этиш мумкин”. Биз мавжуд вазиятга доир барча керакли маълумотларга доимо ҳам эга бўлавермаймиз, бироқ бизда қарор қабул қила олишимиз учун етарлича далиллар мавжуд бўлади. Муқаддас Китоб Худонинг тинчлиги юрагимизда ҳукмрон бўлишига имкон беришимиз кераклигини айтади (Кол. 3:15). Муқаддас Китобнинг кенгайтирилган таржимаси бу сўзларни аниқлаштиради, яъни Исо Масиҳ салтанати худди Холис суд каби қалбларимизда эгалик қилишига ижозат беришимиз лозим. Қатъиятли бўлинг. Раббий билан бирга бўлинг ва қарор қабул қилишдан қўрқманг. Ҳақиқат шундаки, одатда кўпчилик одамлар беқарор бўлганликлари боис қатъиятли кишилар бундан фойдаланиб интилишади ва юқорига кўтарилишади, Агар сиз руҳият борасида бетараф турар экансиз, бу ҳолда Осмон Шоҳлигининг тарафида бўлмай қолишингиз мумкин. Худога ҳамду–санолар бўлсинки, биз қатъиятли Парвардигорга хизмат қиламиз. У бизга Ўз оламини ва Ўз Каломини берди, шу боис биз доно қарорлар қабул қилишга қодирмиз. Биз Худо бу ҳафтада уларга бошқача, кейинги ҳафтада эса бунга тескари сўз айтишини тарқатиб юрадиган одамларга ўхшамаслигимиз керак. Худо Ўз қарорларини ўзгартирмайди. Шунингдек, У ҳеч кимни соғлом фикрга ёки Ўз Каломига қарши чиқишга ундамайди. Худо биз ҳаётда қатъиятли бўлишимизни истайди. Биз, Унинг болалари Самовий Отамизга ўхшашимиз зарур, “Зеро, Худо ҳеч қачон ўзгармайди” (Ёқуб 1:17). Биз кучли иродага эга инсонлар бўлишимиз керак. Агар шайтон бизнинг иродамизни бошқарса, бу ҳолда у бизнинг тақдиримизни ҳам бошқаради. Аммо Худо бизнинг иродамизни бошқарса, демак, У бизнинг тақдиримизни ҳам бошқаради. Танлаш имконияти ўз қўлингизда. Келинг, қатъиятли бўлайлик. Келинг, тўғри қарорлар қабул қилайлик! 8 БОБ Кечаги кунингиз билан тўйиниб, эртанги кунингизни барбод қилманг Эҳтимол, ўзингизда нобоп ўтмишдан “омадсизнинг заифликлари”ни ташиб юргандирсиз, ўшаларни ташлаб юборинг. Биз Исо Масиҳнинг издошлари сифатида келажакни белгилаб берадиган бугунги кун устидан босим ўтказаётган ўтмиш ҳукмронлигини янчиб ташлашимиз керак. Луқо баён этган Хушхабарда (9:62) Исо шундай дейди: “Омочни тутиб, ортига қараган одам Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмас”. Мабодо биз эътибор қаратмасак, у ҳолда ўтмишнинг устимиздан ҳукмронлик қилишига имкон берамиз. Биз ортимизга қанчалик кўп қарасак, шу даражада олдинга қарай олмаймиз. Худо биз учун бугунги кунда нималар қилмоқчи эканлигига ўтмиш таъсир кўрсатиши мумкин эмас. Масиҳийлик ҳаётининг мўъжизаси ҳам ана шунда. Ҳаттоки биз омадсизликка учраганимизда ҳам кечирим сўрашимиз ва ўтмишимиздан бутунлай покланишимиз мумкин. Ўтмиш бизни қанчалик маҳкам ушлаб турмасин, у бузилиши мумкин. Худо бизни ҳеч қачон орқага тортмайди. Ўзимизни тўлақонли ҳаётдан орқага суриш учун ўтмишга имкон бериш–бермаслик ҳамиша ўз қўлимизда. Омадсизлик кечаги муваффақият ҳамда мағлубиятлар билан яшаётганларни бир бурчакда пойлаб туради. Биз ўтмиш билан боғланиб қолмасдан, келажакка қараб ўзимизни йўналтиришимиз лозим. Биз ўтмишдан фойда олиб буни келажакка сармоядек қўйишни ўрганишимиз керак. Филиппиликларга мактубда (3:13-14) ҳаворий Павлус шундай деб ёзади: “Биродарлар, мен ўзимни ўша мақсадга етишганман, деб ҳисобламайман. Ортда қолганларни унутиб, олдинга интиламан. Фақатгина ўша мақсадни кўзлаб, Исо Масиҳ орқали Худо мени чақириб, ато қиладиган самовий ютуқ томон интилмоқдаман”. Исо Масиҳда олий мақомга эришмоқликнинг калити “орқадагини унутмоқлик”дир. Исо Масиҳдаги ўзимизнинг олий даражамизни адо этмоқ учун биз орқамизда ётган жамики нарсаларни унутишимиз керак. Ҳойнаҳой, одам ҳаётидаги кўникмалар кўпроқ унинг ўтмишдаги нобоп хатолари ва омадсизликларидан ҳосил бўлади. Бугун ўтмиш тўрларини улоқтириб ташлаш ва олдинга интилиш учун айни қулай кундир. Ўтмиш барибир ўтмишдир. Унда ҳаёт йўқ. 9 БОБ Куннинг энг яхши вақти – ҳозир. Сусткашлик – қотилнинг ўзгинасидир. Қачонки сиз вақтни ўлдиришга қарор қилар экансиз, Худо сизга сингдирган инъом ва қобилиятларни ўлдиришни бошлайсиз. Муқаддас Китобнинг замонавий таржимасидаги Воиз китобида (11:4) шундай дейилади: “Шамолни кўриб қўрққан ҳеч қачон уруғ экмайди, ёмғирдан хавфсираб, булутни кузатган ҳеч қачон ҳосил ўрмайди”. Сусткашликни енгиш учун қўйилган биринчи қадам – бу, барча тўсиқларни бартараф қилиш учун қатъий ва тезкор ҳаракатларни амалга ошириш демакдир. Ҳамма нарса ҳаракат билан бўлади. Одамлар олдинга, орқага боришади ёки бир жойда депсиниб туришади. Кўпчилик, ҳаётнинг асосий мақсади ҳамиша банд бўлишда, деган фикрда хатоликларга йўл қўйишади. Бу аслида тузоқ. Одамнинг банд бўлиши эмас, балки унинг ҳаётида ривожланиш бўлиши муҳим. Эришилган натижа ва натижага эришиш жараёнлари ўртасида катта фарқ мавжуд. Дон Генри Фабре исмли одам қарағай ипак қурти билан тадқиқот ўтказган. Ипак қуртларида алоҳида бир хусусият бор бўлиб, улар учун қандай тартибда жойлашиш ёки қаёққа қараб ҳаракатланишнинг фарқи йўқ, кўр-кўрона бир-бирининг ортидан эргашиб кетаверишади. Фабре шундай майда мавжудотларнинг бир гуруҳини олиб, уларни айлана бўйлаб жойлаштириб чиқди. Йигирма тўрт соат мобайнида ипак қуртлари айлана бўйлаб итоаткорона бир-бирларининг изидан юраверишди. Шундан сўнг Фабре бошқача йўл тутди. У ипак қуртларини қарағай игналари, яъни уларнинг севимли егуликлари ўртага қўйилган доира бўйлаб жойлаштирди. Олти кун давомида бу онгсиз мавжудотлар очликдан тинкаси қуриган ҳолда егулик атрофида айланишди, ҳолбуки тўйимли егулик улардан бор йўғи деярли икки дюйм масофада жойлашган эди. Кўраяпсизми, улар ҳаракат жараёнини топшириқни бажариш билан адаштириб қўйишди. Биз, масиҳийлар, Худо белгилаб қўйган буюк вазифаларни нафақат гапиришимиз, балки бажаришимиз керак. Одатда имиллайдиган одамлар кам иш қилиб кўп гапиришади. Марк Твен тўғри айтган: “Шовқин ҳеч нарсани ҳосил қилмайди. Аммо тухум туққан товуқ кўпинча гўё астероид туққандек қақиллайди”. Ҳаворийларга ўхшаш бўлиш керак. Уларнинг стратегияси ва тактикаси, қарашлари ва пушаймонликлари ҳеч кимга маълум эмас. Аммо улар ўз фаолиятлари билан яхши маълум. Кўпчилик кишилар Худони кутаётганликларини айтишади; лекин аксарият ҳолларда Худо уларни кутади. Забурчилар билан биргаликда биз шундай дейишимиз керак: “Ҳаётим Сенинг қўлингдадир...” (Заб. 30:16). Тараққиёт учун берилган тўлов турғунлик учун тўловга нисбатан ҳамиша камроқ бўлади. Эдмунд Берк шундай деганди: “Ёвузлик ғалаба қилиши учун зарур бўлган ягона нарса – яхши одамларнинг ҳаракат қилмаслигидир”. Сиз баъзан ҳеч нима қилмаётган, лекин ҳаётда гўё муваффақият билан одимлаётган кимнидир учратиб қоласиз. Алданиб қолманг. Кўҳна мақол тўғри: “Ҳаттоки синган соат ҳам бир кунда вақтни икки марта тўғри кўрсатади”. Биз масиҳийлар сифатида амалга ошмаган ишлардан афсус чекиш учун эмас, балки ривожланиш учун даъват этилганмиз. Сусткашлик – Худонинг ҳаётимизга белгилаган вазифаларидан бизни тўхтатиши ва узоқлаштириши учун шайтон фойдаланадиган биринчи воситадир. “Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади, чунки қўллари ишга бормайди” (Ҳик. 21:25). Ҳақиқат шундаки, биз Худо белгилаган йўлда ҳаракат қилмасдан қанчалик имиллайверсак, бу йўл шунчалик хиралашиб бораверади. 10 БОБ Ваҳима ва ташвиш – сиз қарзга олиб, эҳтимол ўзингиз ҳеч қачон эгалик қилолмайдиган нарса учун тўлайдиган тўлов фоизларидир Ваҳима – эртанги кунни қуриш учун нобоп асбоб. Ташвиш – ваҳиманинг имон устидан тантанасидир. Мана, кўча четида туриб кўз ёшларини оқизаётган аёл ҳақидаги воқеа. Унинг яқинига бир киши келиб, нега йиғлаётганини сўради. Аёл бошини чайқаб жавоб берди: “Мен ҳозир агар турмушга чиқсам, кичкинагина чиройли бир қизимиз бўлишини ўйлаб тургандим. Мен қизалоғим билан кўча бўйлаб саёҳат қилганимда чорраҳага келиб тўхтайман, ўшанда болажоним кўчага югуриб чиққанида машина уриб юборади ва қизалоғим нобуд бўлади”. Сизга бу ҳолат ғалати туюлаётгандир: кап-катта аёл эҳтимол ҳеч қачон юз бермайдиган вазият учун уввос тортмоқда. Аммо биз хавотир олганимизда худди шундай муносабат билдирмаймизми? Биз балки умуман содир бўлмайдиган ҳолат ва вазиятларни тасаввур қиламиз, хаёлимизда бунинг эҳтимолдаги давомий оқибатларини тузиб чиқамиз. Шундай мақолни биласизми: “Қўрқувнинг кўзлари катта бўлади!“ Шунингдек, ташвишнинг ҳам. Ташвиш – бу, Худо ҳар биримизга ато этган қобилиятнинг нотўғри қўлланилишидир. Қачонки, қалбларимизда ваҳима кўтарилганда, биз бунинг мутлақо тескари тарафини қўллашни ўрганиб олишимиз зарур. Инглиз тилидаги “worry” (ваҳима) сўзи инглиз-саксон тилидаги “бўғиб қўйиш” ёки “бўйин товлашга мажбур қилиш, бартараф этиш” сўзларидан келиб чиққан. Дарҳақиқат, хавотир ва қўрқув биздаги бор нарсани бўғиб қўяди. Кўрганларимиз ҳамиша ҳам аслидагидек эмас. “Қуюлтирилган сут қаймоққа ўхшаб кўринади” деганди В.С.Гилберт. Биз назоратимиздан ташқаридаги вазиятга диққат қила бошласак ёки безовта бўлсак, бунинг салбий таъсири дарров сезилади. Ўз ичимизни ҳадеб кавлаштириш ҳимоясизликка олиб боради. Ваҳима – бу ҳеч қаёққа олиб бормайдиган йўл. Унга ўз ҳаётингизни бошқаришига имкон берманг. Забур китобида (54:23) шундай дейилади: “Ташвишларингни Эгамизга топширгин, У сенга таянч бўлади. Эгамиз ҳеч қачон солиҳнинг йиқилишига йўл қўймайди”. Ҳеч қачон қўрқув билан ўзингизни бошқарманг ва асло ўзингизни бошқаришдан қўрқманг. Ташвиш қилманг ва қўрқманг. Бунинг ўрнига ўзингизнинг қўрқув ва ташвишларингизни Худога топширинг: “Барча ташвишингизни Худога топширинглар, чунки У ҳамиша сизларга ғамхўрлик қилади” (1-Бут. 5:7). 11 БОБ Бизнинг сўзларимиз – бу яқин кишиларимиз ҳаётига биз сепадиган уруғлардир Биз айтаётган сўзлар ниҳоятда муҳим. Муқаддас Китоб қалб тўлиб-тошганида тил гапириб юборишини уқтиради. Биз ўз тил луғатимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим. Биз ҳаёт ва ёруғликка тўла сўзларни айтишимиз керак. Бизнинг сўзларимиз ҳамиша Худо Каломининг даражасига кўтарилишига интилишимиз лозим. Масиҳийлар ҳар қандай вазиятда ҳам доимо ижобий сўзлар айтишлари ва Худо Каломини баён этишлари керак. Биз ибодатхона хизматида бўлиб, етти йилда фақатгина икки оғиз сўз айтишига ижозат берилган роҳибдек бўлишимиз керак эмас. Биринчи етти йил ўтганидан сўнг аббат ундан шундай деб сўрабди: “Хўш, сенинг иккита сўзинг қандай бўлади?” “Егулик бемаза”, - деб жавоб берибди яна етти йил сукут сақлаши лозим бўлган одам. Орадан белгиланган вақт ўтгач, роҳиб яна аббат билан учрашибди. “Бу сафар айтадиган иккита сўзинг қандай?” - дея сўрабди аббат. “Каравот қаттиқ” - дея жавоб берибди у. Навбатдаги етти йил ҳам ўтиб кетгач – унинг ибодатхонага келганига йигирма бир йил бўлибди – роҳиб аббат билан учинчи ва сўнгги бора учрашибди. “Хўш, бу сафар айтадиган икки оғиз сўзинг қанақа бўлади?” - дея сўрабди аббат. “Мен кетаяпман”. “Мен бундан ҳайрон эмасман, – афсусланганча жавоб берибди руҳоний, – сен бу ерда қилган ишинг фақат шикоят бўлди!” Сиз мана шу одамга ўхшаб қолманг; сизни доимо сўзлари салбий бўлган одам каби эслаб қолишларига йўл қўйманг. Агар сиз “вайсақилар жамиятининг аъзоси” бўлсангиз, истеъфога чиқишингиз керак. Юҳанно Хушхабарида (6:43) Исо Ўз шогирдларига “нолишни бас қилинглар” деб таълим бергани баён этилган. Филиппиликларга мактубда (2:14–15) ҳаворий Павлус имонлиларга уқтиради: “Мана шу бузуқ ва эгри насл орасида Худонинг нуқсонсиз, айбсиз ва пок фарзандлари бўлишингиз учун ҳамма нарсани нолимай, баҳслашмай қилинглар. Ҳаётбахш хабарни маҳкам тутар экансиз, ўша бузуқ ва эгри насл орасида самодаги юлдузлар каби порлайсизлар”. Балки, сиз шундай жумлани эшитгандирсиз: “Сўз ҳеч нимага арзимайди”. Аслида эса сўзнинг баҳоси ниҳоятда юқори. Биз сўзимиз кучга эга эканлигини билишимиз лозим. Бизнинг сўзларимиз бошқалардан нимани қабул қилаётган бўлсак, ҳамда бошқалар биздан нима олаётган бўлишса, ўшанга таъсир қилади. Қачонки биз нотўғри сўзлар айтсак, бу биздаги Худо иродасини кўриш ва Уни эшитиш қобилиятимизни сусайтириб қўяди. 12 БОБ Таққослаш Биз ҳар куни қарорлар қабул қиламиз. Биз ҳар куни танлов олдида турамиз. Биз унисини ёки бунисини танлашимиз керак. Биз унисига ҳам, бунисига ҳам эгалик қилолмаймиз. Бундай танлов ўзида шундай нарсаларни мужассам этади: • ўзидан афсусланишни ёки руҳан улғайишни; • бефарқликни ёки қатъийликни; • сусткашликни ёки жўшқинликни; • “қанийди қила олсак” ёки “биз буни қай тарзда уддалаймиз”; • “ташлаб юбор” ёки “юқорига кўтарил”; • хавфсизликни ёки таваккални; • ёвузликка эргашишни ёки ёвузликни енгишни; • “ҳаммага ўхшаб қил” ёки “ҳеч қачон таслим бўлма”; • “биз қанчалик кўп қилаяпмиз” ёки “биз қанчалик кўп қилдик”; • “зулматда яшаш” ёки “зулматга қарши туриш”; • вайронакорликни ёки тараққиётни; • қарши курашишни ёки қабул қилишни; • шикоятни ёки муваффақиятни; • нимадир қилишга уринишни ёки ғалабани; • тинчликни ёки бузғунчиликни; • онгли танловни ёки қулай келадиган вазиятни; • қатъиятни ёки умидсизликни; • улғайишни ёки ўлимни; • ўз–ўзига талабчан бўлишни ёки ҳамиша ўзини оқлашга интилишни; • бошқалар истагини ёки ўз хоҳишингизни; • тараққиётни ёки таназзулни; • вазиятни бошқаришни ёки оқим бўйлаб сузишни; • устиворлик тизимини ёки мақсаднинг йўқлигини; • жавобгарликни ёки бепарволикни; • натижани ёки кўзбўямачиликни; • қарорни ёки муаммони; • “кўпроқ Худоними” ёки “кўпроқ бошқа нарсаларними”; • “ким аслида ким” рўйхатига тушишни ёки “нега энди мен?” деб сўрашни. 13 БОБ Маррагача етиб боринг Ўйиндан чиқиб кетманг. Ўйиндан чиқиш ва ўзгаришга бўлган истаклар орасида катта фарқ мавжуд. Менинг ўйлашимча, Худо қачонки пастга назар солганида бошлаган ишини ташламаган ва ўйиндан чиқмаган кимнидир кўриб қолса, шундай дейди: “Мана, Мен кимдан фойдаланишим мумкин”. Галатияликларга мактубда (6:9) шундай дейилади: “Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Агар ҳолдан тойиб қолмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз.” (Муқаддас Китобнинг инглизча талқинида “агар таслим бўлмасак” деб ёзилган). Бу оятга эътиборингизни қаратинг. У бизни агар таслим бўлмасак ҳосил йиғиб олишимизга (нафақат бунга қодирлигимизга, балки шундай қилишимизга) ишонтирган ҳолда юзтубан тушмасликка ундайди. Худо бошлаган ишини ташлаб қўймайди. Унинг бундай қилиши асло мумкин эмас. Филиппиликларга мактубида (1:6) ҳаворий Павлус ёзадики, “Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман”. Мазкур оятда бир қанча муҳим ҳолатлар келтирилган. Энг асосийси шуки, Худо Ўз бошлаганини ташлаб қўймайди. Ўз навбатида, У бизда бошлаган эзгу ишларини якунига етказишига биз ишонамиз. Токи биз белгиланган маррага етиб бормагунимизча, Худо бизнинг ҳар бир қадамимизни кузатиб туради. Муқаддас Китобда энг яхши ибрат кўрсатган одамлардан бири –ўйиндан чиқиб кетмаган ва бошлаган ишини ташлаб қўймаган Юсуфдир. Унда кетиб қолишини оқлайдиган кўпгина сабаблар бор эди. Дастлаб ҳасадгўй акалари чуқурга ташлаб юборганларида, у ўзига шундай деганига мен ишонаман: “Мен ўз ҳаётимни шундай якунлашни асло орзу қилмаганман”. Сўнгра эса уни қилмаган жинояти учун ноҳақ айблаб қамоқхонага ташлаганларида иккиланиб, ўйиндан чиқиб кетиши мумкин эди. Шунда у ўзига айта оларди–ку: “Бу адолатдан эмас, мен бу ерда бўлишим мумкин эмас”. Аммо шундай вақт келдики, Худо Юсуфнинг қалбига жойлаштирган орзу ҳақиқатга айланди. У бир куннинг ўзида тутқундан вазиргача бўлган йўлни босиб ўтди. Гарчи Юсуф ўзини Худо бошқараётганлигини билолмаган ва тушунолмаган бўлсада, ҳамиша Яратганга содиқ бўлиб қолди. У ўзига дуч келган синов ва машаққатларга қарамасдан, ўйиндан чиқиб кетмади. Худонинг Каломи ва Унинг иродасига бўлган ишонч учун олинадиган ҳадядан кўра бошқа юксакроқ мукофотнинг ўзи йўқ. Фақат сизнинг ўзингиз маблуб бўлмаслик учун қарор қабул қила оласиз. Кўпчилик одамлар муваффақиятга бир қадам қолганда ўйиндан чиқиб кетишади. Қайноқ сув ва буғ ўртасидаги фарқ бор–йўғи бир градусни ташкил этади. Луқо Хушхабарининг 18 бобида Исо қатъиятли бир бева ҳақидаги ривоятни сўзлаб беради. Муқаддас Китоб Исо нима мақсадда бу воқеани сўзлаб берганини ойдинлаштиради: “Шогирдлар доимо ва безмасдан ибодат қилсин деб, Исо уларга шундай бир масал айтиб берди...” (1-оят). Забурчи бизга шундай дейди: “Йўлларингни топширгин Эгамизга, ишон Унга, У мадад беради” (Забур 36:5). Мағлуб бўлишнинг ягона йўли – ўйиндан чиқиб кетишдир. Фақат мана шу қароргина ҳаётда илоҳий мақсадларга эришишдан бизни қайтариб туради. 14 БОБ Мақсад – бу амалга ошиш муддати белгиланган орзудир Пайғамбар Хабаққуқ китобида (2:2) Худо унга шундай дейди: “...Сенга аён қилган сўзларимни тош лавҳаларга аниқ қилиб ёз, югуриб кетаётган одам уни бир қарашданоқ ўқий оладиган бўлсин”. Китобнинг мана шу жойида мақсадни муваффақиятли қўйиш негизи берилган. Биринчидан, кўрганларингизни ёзиб олишингиз керак. Мабодо сиз кўрганларингизни хотирангизда сақласангиз, бу аслида мақсад эмас, шунчаки орзу бўлиб қолаверади. Қоғозга ёзилган орзу эса қандайдир кучга эга бўлади. Сиз қачонки қоғозга ниманидир туширар экансиз, бу сизни ёзилганларни рўёбга чиқаришга ундайди. Сиз фақатгина қоғоз ёқиб аланга ҳосил қилолмайсиз, аммо қоғозга ниманидир ёзиб ички оламингизда гулхан ёқишингиз мумкин. Худо Ўз Каломига амал қилади: У биз учун келгуси воқеалар ривожини Муқаддас Китоб шаклида қоғозга ёзган. Худо бизни бошқариб бораётган биргина Муқаддас Руҳга таяниб қолмайди; У Ўз мақсадларини ёзма тарзда баён этган. Бизга Худо Каломини яхши кўриниши ва “осонроқ ўқий олиш” учун “тош лавҳалар”да (тахтачаларда) муҳрлаб қўйиш айтилган. Муқаддас Китобнинг инглизча таржимасида ҳам “югуриб кетаётган одам уни бир қарашданоқ ўқий оладиган бўлсин” дейилган. Бу ўринда “югуриб кетиш” сўзи моҳиятни очиб берадиган калит ҳисобланади. Худо биз ҳаётда келгуси воқеалар ривожини англаган ҳолда мақсад сари югуришимизни истайди. Биз шу тариқа югурар эканмиз, йўлдан адашмаймиз. Сиз мабодо кўр-кўрона ҳолда югурар экансиз, бу тарзда йўналишни осонгина ўзгартириб нотўғри йўлдан кетиб қолишингиз мумкин. Боқибеғам юриб мақсадга эришиш мумкин эмас. Ҳикматлар китобида (24:3-4) биз шуни ўқиймиз: “Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади. Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо, қимматли бойликка тўлади”. Бошқача қилиб айтганда, мақсаднинг ва режаларнинг аниқ қўйилиши келажакни ҳақиқатга айланишига имкон яратади. Ўзингиз шоҳид бўласизки, агар сизнинг мақсадингиз ишончга айланса бунинг амалга ошиши узоққа чўзилмайди. Гарчи Муқаддас Руҳ биз билан бўлсада, барибир бизга тайёрланиш даври керак; биз шунда вазифани бажаришга яхшироқ мослашган бўламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Худо тартибсизликни ва жамғарма ҳамда заҳираларга нисбатан тўмтоқ муносабатларни ёқламайди. Мана нима учун тўғри режа тузиш шунчалик муҳим. Худованднинг улуғ орзусига ишонинг. Қачонки режалаштирар экансиз, ўтмишга эмас, балки келажакка назар ташланг. Сиз машина рулини тутиб олдинга ҳайдаётганингизда орқага қарай олмайсиз. Доимо ўзингизнинг табиий кучингиз ва қобилиятларингиздан юқори бўлган вазифаларни қўйинг, зеро ана ўшандагина Худо сиз билан бирга ҳаракат қилади. Барча буюк ютуқлар аввал бошида амалга ошмайдигандек туюлган. Бизнинг ҳар биримизда ҳаётда муваффақиятларга эришиш учун имкон бор. Аслида ёмон ҳаёт кечириш учун керакли қувват, яхши яшаш учун зарур бўлган қувватдан кам талаб қилинмайди; кўпчилик одамларнинг мазмунсиз ҳаёт кечиришлари сабабларидан бири шуки, улар ўз кўрганларини қоғозга туширишмайди ва кейин унга амал қилишмайди. Агар сиз мақсадни кўрмасангиз, унга қараб интила олмайсиз. “Тўғри йўлни танлаб юргин, барча сўқмоқларинг мустаҳкам бўлсин” (Ҳик. 4:26). Зеро, сиз мақсад сари ўз йўлингиздан борганда мақсадга эришишдан қимматроқ бўлган ниманидир англаганингизни биласиз. Колумб Ҳиндистонга йўл олиб, Американи кашф этди. Сиз “Америка”ни ўз йўлларингиздан изланг. Худонинг сиз учун юборган ваҳийсини қоғозга ёзиб қўйинг ва Унинг режаси бўйича югуришни бошланг. 15 БОБ Табассум. У чеҳрангизга янада чирой қўшади Масиҳийлар энг бахтиёр, ҳаракатчан, жўшқинликка тўлиб–тошган инсонлар бўлишлари керак. “Жўшқинлик” сўзи юнон тилидаги “entheous” сўзидан келиб чиқади, бу эса “Худо ичда” ёки “Худо билан тўлиб–тошган” маъноларини англатади. Табассум – сиз қачон бахтга, жўшқинликка тўла бўлсангиз – бу ҳамиша натижани эмас, танловни билдиради. Бу онгли равишда қабул қилинган қарор. Жўшқинлик, қувонч, бахт шахсиятингизни ва одамларнинг сизга бўлган муносабатини янада сайқаллаштиради. Хелен Келлер шундай деганди: “Юзингизни қуёшга буринг, шунда сиз сояни кўрмайсиз”. Сиз ҳаётда қийинчиликлар билан қанчалик кўп тўқнашсангиз, сиздан жўшқинлик шунча кўп талаб этилади. Филиппиликларга мактубда (2:5) шундай дейилади: “Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин”. Мен ўйлайманки, Исо шахдам қадам ташлайдиган, чеҳрасида табассум ва бутун борлиғи қувончга бурканган инсон бўлган. Бизнинг муносабатимиз доимо одамларга улардан қандай жавоб кутаётганлигимиз ҳақида сўзлайди. Табассум – бу қудратли қурол. У ҳаттоки музни синдириши мумкин. Сиз кўрасизки, бахт ва қувват юқумли касалликларга ўхшайди: улар бошқаларга юқади. Агар сиз доимо табассум қилсангиз ва қувончдан порлаб турсангиз, тунд одамлар сиздан нари бўлишади. Шунингдек, сиз жўшқинликнинг ортиши билан карахтлик ҳолати ва қўрқув камаяётганини пайқайсиз. Муқаддас Китоб айтадики, “Эгамиз туфайли топган севинчингиз нажот қўрғонингиздир” (Нахимиё 8:10). Кўпчилик шундай дейди: “Ҳа албатта, бу одамнинг бунчалик бахтиёр, ўзига ишонган ва бошқаларга нисбатан бағри кенглигининг ҳайрон қоларли жойи йўқ; мабодо менда ҳам шундай иш ва шундайин имкониятларим бўлганида, мен ҳам ўзимни шундай тутган бўлардим”. Улар, муваффақиятга эришган одамлар салмоқли даромадга ва кўплаб мулкка эга бўлганлари учун яхши кайфиятда юришади, деб хатоликка йўл қўйишади. Аммо бунинг аксига ишонинг. Бундай одамлар ўзларининг ижобий, ишончли ҳаракатлари натижасида даромад ва мулкка эга бўлишади. Жўшқинлик ҳамиша ҳаракатга ундайди. Ҳеч бир арзирли натижа жўшқинликсиз бўлиши мумкин эмас. Юҳанно Хушхабарига кўра (15:10-11) бизда Худонинг марҳамати бор: “Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг севгисига содиқ қолганман. Худди шу сингари сизлар ҳам, Менинг амрларимга амал қилсангизлар, севгимга содиқ қоласизлар. Менинг шодлигим қалбингизни тўлдирсин, деб сизларга бу сўзларни айтдим”. Қувонч ва Худонинг севгиси сизникидир. Табассум қилинг! 16 БОБ Ўзини оқлаш – бу шунчаки ёлғон Ўйиндан чиқиш, омадсизлик, муҳокама қилиш – буларнинг бари одамнинг ўзини оқлашидан бошланади. Ҳеч қачон бирор – бир тўсиқ сизни оқловчи бўлишига йўл қўйманг бу аслида бутунлай иккиюзламачилик, худбинликдир. “Эй, бошқаларни ҳукм қилаётган инсон! Сен ким бўлишингдан қатъий назар, бундай қилишга сенда ҳеч бир асос йўқ. Сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан. Ахир, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан–ку!” (Рим. 2:1). Биз, масиҳийлар, ўзимизни оқлаш йўлидан эмас, балки тараққиёт йўлидан боришимиз керак. Қачонки биз ўзимизни оқлашга тушсак, айбни доимо кимгадир ёки нимагадир юклаймиз. Бу эса кейинчалик муҳокама қилинишига олиб боради. Худо олдида ўзини оқлаш учун нималарнидир ўйлаб топишга уринган одамлар доимо бўлган. Айримлар ўзларининг барча оқловлари ёлғон эканлигини билишган; ҳамма эса бу борада ўз оқловларини турлича якунлашган. Луқо Хушхабарида (14:18–20) Раббийнинг тушликка чақирилган одамлар билан дастурхон атрофида ўтирганлиги ҳақидаги Исонинг ривояти бор: “Аммо таклиф қилинганларнинг ҳаммаси бирдай узр сўрай бошлабдилар. Биринчиси унга дебди: - Мен ер сотиб олган эдим, ўша ерни кўргани боришим керак. Илтимос, мени кечиринг. Бошқаси эса: - Мен беш жуфт ҳўкиз сотиб олдим, уларни синагани кетяпман. Илтимос, мени кечиринг, - дебди. Яна бошқаси: - Мен яқинда уйландим, шунинг учун бора олмайман, - дебди”. Бу одамлар ўзларини оқлаб, нажот имконини йўқотишди. Ҳар ким ўша бир хилдаги хатоликни қилди: у ўзининг оқловларига Худодан кўпроқ ишонди. Муқаддас Китобдаги иккита одам, Мусо ва Гидўн ҳам Худо олдида ўзларини оқлашган. Бундаги фарқ шундаки, улар ўзларини оқлашган бўлишсада, ҳарқалай бу нотўғри эканлигини билишган. Мусо Худо олдида ўзини оқлашга уринган. Чиқиш китобида (4:10–12 ) у шундай дейди: “- Ё, Раббий! - деди Мусо. - Мен, қулинг, илгари ҳам, ҳозир – сен билан гаплаша бошлаганимдан буён ҳам яхши гапира олмайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман. Шунда Эгамиз: - Инсонга тил ато қилган ким? - деди. – Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?! Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман”. Гидўн Ҳакамлар китобида (6:15) шундай деб эътироз билдиради: “— Эй, тўрам, қандай қилиб мен Исроил халқини халос қила оламан? — деди Гидўн. — Менинг уруғим Манаше қабиласининг энг заифи бўлса, ўзим эса отам хонадонининг кенжаси бўлсам”. Қачонки сиз ўзини оқлаш билан юзма–юз бўлар экансиз, худди Мусо ва Гидўн каби йўл тутинг: ўзини оқлашни эмас, балки Худога ишончни танланг. Юҳанно Хушхабарида (15:22) Исо шундай деган: “Агар Мен келиб, уларга гапирмаганимда эди, улар Менга ишонмаганлари учун гуноҳда айбланмас эди. Энди бўлса гуноҳларини оқлаш учун баҳона топа олмайдилар”. Тушунинг, ўзини оқлаш – Худо олдида гуноҳдир. 17 БОБ Ғалабадан сўнг кетиб қолманг Инсоннинг ҳаёт йўлида тўхталиб қолишига иккита вазият сабабчи бўлади: мағлубиятдан сўнгги ва ғалабадан кейинги вазиятлар. Роберт Шуллернинг ажойиб сўзлари бор: “Имилламанг. Тўрни сувнинг янада чуқурроқ жойига ташланг. Ғалабага эришиб тўхтаб қолманг, ижобий мувозанатни сақлаб қолинг”. Ғолиб оладиган совринлардан бири – унинг янада кўпроқ қила олиш имкониятига эга бўлишидир. Муаммо шундаки, биз майда–чуйда ютуқлар миқдорига тўйиниб, катта муваффақиятларга етишолмай қоламиз. Мен туртки ҳақидаги жумлани ёзаётганимда, хаёлан адир тепасидаги харсангни тасаввур қилдим. Бу харсанг – бизнинг ҳаётимиз. Агар биз бу ҳаёт харсангини қўзғатсак ва думалашига мажбур қилсак, уни тўхтата олмаймиз. Бу ҳақиқат бизларга ҳам тегишли. Муқаддас Китоб биз учун ҳаётимизга илоҳий турткини беришни ваъда қилади. Ҳаворий Павлус Филиппиликларга мактубида (1:6) шундай ёзади: “Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман”. Илоҳий турткининг натижаси руҳан улғайишимиз ҳисобланади. Мана, ҳаётда илоҳий турткига эга бўлишнинг бешта имкони: 1. Ҳосилдор бўлиш. “Ҳаммага ейишга нон, деҳқонга ҳам экишга уруғ берадиган Худо сизларнинг экадиган уруғингизни мўл қилади, солиҳлигингиздан келадиган ҳосилни ҳам кўпайтиради.” (2 Кор. 9:10 ) 2. Ҳақиқатни гапириш. “Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик” (Еф. 4:15) 3. Етук имонли бўлиш. “Шундай экан, Масиҳнинг бошланғич таълимотида тўхтаб қолмайлик. Аксинча, имонда етук бўлишга интилайлик. Ҳадеб таълимотнинг илк асосларини ўрганавермайлик. Ўлимга етакловчи ишлардан тавба қилиш ва Худога ишониш ҳақида, покланиш маросимлари ва қўл қўйиб дуо қилиш ҳақида, ўликларнинг тирилиши ва абадий ҳукм ҳақида қайта–қайта таълим олишимиз шарт эмас” (Ибр. 6:1-2). 4. Худо Каломига чанқоқ бўлиш. “Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, сизлар ҳам Худо каломига ташна бўлинглар. Калом билан озиқланиб, улғайиб, нажотга эришинглар” (1 Бут. 2:2) 5. Исони англашда ва иноятда руҳан улғайиш. “Ўз ҳаётингиз билан Худони мамнун этинглар, Раббимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳни янада яқинроқ таниб–билинглар. Ҳозирдан то абад Унга шон–шарафлар бўлсин!” (2 Бут. 3:18). Бутруснинг иккинчи мактубида (1:5-8) руҳий турткининг илоҳий тавсифлари келтириб ўтилган: “Буларни ёдингизда тутиб, Худога муносиб ҳаёт кечириш учун жон куйдиринглар. Имонингизни фазл–камолот, илму маърифат, вазминлик, сабр–тоқат, диёнат, биродарларингизга бўлган меҳр–оқибат ва тугал муҳаббат билан бойитинглар. Агар бу хислатларга эга бўлиб, уларни камол топтираётган бўлсангиз, демак, Раббимиз Исо Масиҳни ҳақиқатдан таниб билган бўласиз. Кунларингиз беҳуда ўтмаган бўлади, Масиҳни билганингиз ҳаётингизда ўз самарасини беради”. Нимаики сизни тўхтатишга уринмасин, ҳамиша олдинга интилинг. 18 БОБ Сизга ёрдам берадиган энг ишончли қўл – сизнинг қўлингиздир Ҳаётдаги сохта тасдиқлардан бири – бу, биз ўз ҳаракатларимиз учун жавобгар эмасмиз. Бунга онамиз, раҳбаримиз, қўшнимиз, ҳукуматимиз, жамиятимиз айбдор, деб уқтиришади. Бироқ Римликларга мактубда (14:12) ҳаракатларимиз учун ким жавоб бериши ва кимдан бу ҳақда сўралиши кераклиги мутлақо равшан қилиб кўрсатилган: “Демак, ҳар биримиз Худонинг олдида ўзимиз учун жавобгармиз”. Биз бошқаларга айбни юклашни исташимиз ёки ҳаттоки бунга уриниб кўришимиз мумкин, лекин ҳақиқатдан қочиб қутулиб бўлмайди: биз кўрсатгич бармоғимиз билан кимнидир кўрсатганимизда, учта бармоғимиз ўзимизни кўрсатиб тураверади. Мен маслаҳатчи бўлиб ишлаганимда ўз саволларига жавоб излаш билан чекланиб қолмаган кўплаб бизнесменлар билан учрашганман. Мени бу одамларнинг шунча куч сарф қилиб бошқалардан ёрдам излаганликлари ҳайрон қолдирарди. Ваҳоланки, бу вақтда уларнинг Худо билан ўрталарида алоқа боғлаб муваффақиятга эришишлари учун ҳамма нарса бор эди. Улар пул эвазига ёки ҳеч бўлмаса ўртоқлик муносабатлари учун бошқаларга ўзлари устидан назоратни бериб қўйишга осонгина рози эдилар. Уларнинг хатоси шундаки, улар Худони излаш ўрнига одамларни излашарди. Бу эса ўзимизга таянч ва кўмакни нимадан излашимиз кераклиги ҳақидаги нотўғри тушунча сифатида ўзаро муносабатларнинг мувозанатини бузиб, шахсни ва унинг орзуларининг емирилишига сабаб бўлади. Ҳозир мен биламанки, Худо бизнинг олдимизга марҳаматлашимиз ёки ёрдам беришимиз учун одамларни йўллайди. Бироқ биз қандайдир ҳамкорлик қилишдан аввал Худони тинглашимиз ва ниҳоятда эътиборли бўлишимиз лозим. Биз муносабатлар ўрнатиш учун сабаблар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак, пировардида бизнинг бу борадаги уринишларимиз вазиятни юмшатишга ҳаракат ёки тез ёрдамни чақиришга олиб бормасин. Битта муваффақиятли шерикчиликка бутунлай омадсизлик келтирадиган юзлаб шерикчиликлар тўғри келади. Бирор киши билан ҳамкорлик асосида бизнес қилаётганингизда ниҳоятда ҳушёр бўлинг. Чиқиш Китобида Худо Мусога яхши бир маслаҳат берадики, бу бугунги кундаги биз масиҳийлар учун ҳам бағоят зарур. Худо шундай дейди: “Эҳтиёт бўлинглар, сизлар кирадиган юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Бўлмаса, сизларни тузоғига илинтириб олади” (Чиқиш 34:12). Худо бизни кўп нарсаларга ўргатишни истайди, мен ишонаманки, У хоҳлаганларининг кўпини биз мустақил равишда ўргандик. Марк Твен шундай деганди: “Мушукни думидан ушлаган одам шундай сабоқ оладики, буни у бошқа ҳеч қандай йўл билан олиши мумкин эмас”. Ўзингиз қарор қабул қилинг. Ўзингиз ўрганинг. Ўзингиз саволларга жавоб беринг. 19 БОБ Агар сизни йиқитишса, қилишингиз мумкин бўлган энг табиий йўл – бу ўрнингиздан туришдир Биз ҳар куни қабул қиладиган энг муҳим қарорлардан бири – бу, омадсизлик ва йўл қўйилган хатоларга билдирадиган муносабатимиздир. Муваффақиятсизлик, мукаммалликка эришишимиз учун энди ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди, дегани эмас. Ҳар доимо ниманидир ўрганиб олиш имкони бўлади. Ичингиздаги Худо атрофингиздагилардан кўра доимо каттароқ моҳиятга эга. Биз барчамиз ҳам мағлуб бўлганмиз ва хатоликларга йўл қўйганмиз. Аслида, муваффақиятга эришган одамлар ўрта поғонадаги одамларга нисбатан жуда кўплаб омадсизликларга дуч келишган. Тарихни ўрганар экансиз, барча буюк инсонлар ҳаётларида мағлубиятни бошдан кечирганини кўрасиз. Ҳаётдан ҳеч нарса кутмайдиган одамгина ҳеч қачон изтиробга тушмайди. Ҳеч нарса қилмайдиган одамгина омадсизликка учрамайди. Ҳар қандай одам ҳаётда нимагадир эришмоқчи бўлса, мағлубиятга учрашини ҳам таваккал қилади. Доимо ҳеч нарса қилмагандан кўра, яхшиси ниманидир қилиб мағлубиятни бошдан кечирган маъқул. Мукаммал кўринишдаги ғиштдан кўра нуқсонли олмоснинг нархи қимматроқдир. Ҳеч қачон мағлуб бўлмайдиган одамлар камдан–кам ғалабага эришадилар. Ҳамма йиқилади; сизнинг қанчалик тез кўтарилиб олишингиз катта аҳамиятга эга. Имонда улғайган одамнинг ва унинг омадсизликларга ҳамда хатоликларга нисбатан реакцияси ўртасида муқаррар ўзаро алоқа мавжуд. Сизнинг имон даражангиз қанчалик баланд бўлса, тез кўтарилиш ва олға интилиш қобилиятингиз шунчалик юқори бўлади. Одамнинг имонда ўсиши қанчалик паст бўлса, у ўтмишдаги хатоларига шунчалик ёпишиб олаверади. Бизнинг ҳар биримиз шу кунга қадар кўп йиллар олдинги хатосига ёпишиб олган кимнидир биламиз. Худо ҳеч биримизга омадсиз деб қарамайди; У бизда ўрганаётган инсонни кўради. Мана, ўтмишдаги омадсизлик ва хатоликлар таъсиридан қутулиш учун калит: улардан хулоса чиқаринг ва тафсилотлар ҳақида унутинг. Тинимсиз равишда мағлубиятингизнинг майда–чуйда ҳолатларини ўйлаш ўрнига, тажриба ҳосил қилинг. Тажрибага таянган ҳолда, яшашда давом этинг. Ёдингизда тутинг: зиммангиздаги вазифа мағлубиятдан кўра муҳимроқдир. 20 БОБ Кимки ўзгаришни истамаса, муваффақиятга эришмайди Барча буюк кашфиётлар ақлидан кўра ишончи устун бўлган одамлар томонидан яратилган. Кимки майда ишларда ҳам кичикроқ таваккал иш қилишга рози бўлса, амалда муваффақият қозонолмайди. Ҳеч қачон майда ишларнинг таҳлили ва режаси учун вақтингизни сарфламанг. Бажарилиши зарур бўлган ишлар учун кўпроқ вақт сарфлаш, ўзгарилиши мумкин бўлган ишларга эса камроқ вақт сарфлаш учун бир қарорга келиш донолик белгисидир. Худога интилиб, баландга кўтарилишни ўрганинг. Юксак мақсадларни қўйинг ва таваккал қилишни билинг. Бу оламнинг стратегияси шундан иборатки, ўтган йилга таянган ҳолда келгуси йилга назар ташланади. Биз, масиҳийлар, ўтмишга суянмаган ҳолда мавжуд имкониятлардан фойдаланишимиз керак. Ҳаёт чақирувига жавобан олдинга интиладиган, таваккал қиладиган ва режалар тузадиган одамлар катта муваффақиятларга эришадилар. Майда ишларга ўралашиб қолиб, катта имкониятларни англамай қолманг. Кўп кишилар қуриган қудуқдан сув тортиб чиқармоқчи бўлган одамлар сингари ҳаёт кечиришади. Улар қудуққа челакни тушириб-кўтариб вақтларини беҳуда кетказишади. Бугун танлов қилинг: буюк ишлар ҳақида орзу қилинг ва шу орзунинг бор бутунлигича ўз вазифангизни бажаришга эришинг. Ҳаётий муаммолар ичида майдаларини эмас,муҳимларини танланг. Г.Стерн шундай деганди: “Агар сиз йўлбарслар маконида қуён овласангиз, йўлбарсларни ҳам кузатиб туришингиз керак, лекин йўлбарс овласангиз, қуёнларга эътибор бермасангиз ҳам бўлади”. Атрофда йўлбарслар тўдаси изғимоқда. Қуёнларга овора бўлиб қолманг. “Катта ўйинлар”га ўзингизни тайёрланг. Хавфсизлик ва қулай вазият бир–бирларига бегона. Мабодо сизнинг фаолиятингизда ишонч бўлмаса, сизни Худонинг кўрсатган йўли бўйлаб ҳаракатланишга чорлашнинг ҳожати йўқ. Худо Ўзига нисбатан одамларга ишонч бермай, бизни ниманидир қилишга ундашига мен ишонмайман. Шундай эски мақол бор: “Ҳатто тошбақа ҳам бўйнини олдинга чиқармагунча, олдинга интилмайди”. Буюклик ҳақида орзу қилинг, зеро сиз буюк Худога хизмат қилаяпсиз. 21 БОБ “Унутманг, тоғларни қўзғатишга қодир имон гугуртни ҳам жойидан силжитиши мумкин” (Номаълум муаллиф) Ўртача даражадан юқорига кўтарилиш хусусияти бир лаҳзада юз бермайди, бу ҳамиша ҳаракат билан уйғунлашган имон маҳсулидир. Амалсиз фаолият – ер қаъридаги олтинга ўхшайди. Токи уни қазиб чиқармагунларича, у ҳеч қандай қийматга эга эмас. Имонли киши фаолиятсиз бўлса, худди қаноти бору, аммо оёқлари йўқ қушга ўхшайди. Ёқубнинг мактубида (2:17) шундай дейилган: “...қуруқ имоннинг ўзи амалсиз ўликдир”. Биз, имонлилар, имон–эътиқодни фаолиятга айлантирадиган одамлар бўлишимиз керак. Ишонч ва фаолиятини мужассамлаштирган биргина одам ўзида кўп нарсаларни акс эттиради. Кемангиз соҳил томон сузиб келишини кутиб ўтирманг, ўзингиз унга қараб сузинг. Бу ҳақда Том Эдисон жуда яхши бир гап айтганди: “Кўпчилик одамлар қулай вазиятни бой бериб қўйишади, негаки бундай вазият махсус кийимдаги меҳнатга ўхшайди”. Ҳақиқий эътиқоднинг оёқ ва қўллари бор, улар ҳаракатланади. “Билганингиз даражасида билиш” етарли эмас. Янада муҳими, ўз билганингизни намоён этиш. Муқаддас Китобда “иш” сўзи 564 (беш юз олтмиш тўрт) маротаба айтиб ўтилади, яъни “меҳнат, иш” сўзлари Муқаддас Китобдаги аниқ тушунчалардир. Эътиқод ва меҳнат қачонки биргаликда ҳаракат қилишса, бир дурдона ҳосил бўлади. Биз уқтиришимиз лозимки, бизнинг имонимиз доимо ҳаракатда бўлиши ва ўйиндан ҳеч қачон чиқиб кетмаслиги керак. Бернард Шоу шундай деганди: “Ёшлик пайтларимда қилган ишларимнинг ўнтадан тўққизтаси натижасиз тугаётганини пайқадим. Шу боис, мен ўн баробар кўпроқ ишлай бошладим”. “Holiday lnns” (Ҳолидей Иннс) таъсисчиси Кемин Вильсондан қандай қилиб ютуқларга эришаётгани ҳақида сўрашганида шундай деганди: “Мен ҳақиқатдан ҳам бу ерда қандай қилиб пайдо бўлганимни билмайман. Менда ҳеч қачон маълумот даражаси бўлмаган, мен фақатгина ҳар кунимнинг ярмини ишга бағишлардим. Сизга шундай маслаҳат бера олишим мумкин деб ўйлайман: ҳар бир куннинг тенг ярмида меҳнат қилинг. Куннинг қайси ярми бўлиши муҳим эмас. Биринчи ўн икки соат бўладими ёки кейинги ўн икки соат”. Имон ва меҳнат уйғунлиги натижасида пайдо бўладиган кучни амалда қўлланг, сўнгра эса Худо сизнинг ҳолатингизда туриб, қандай ҳаракат қилаётганини кузатинг. 2 ҚИСМ. АТРОФГА НАЗАР 22 БОБ Хизматкор билан ишлаш сизни машҳур қилолмайди, фақатгина бой қилади. Телефон жиринглаб қолди. Мен гўшакни кўтарганимда нариги тарафдан бир киши шундай деди: “Ба–бах! Сен ўлдинг!” Мен жим қолдим. Эшитганимга қандай ёндашишни билмасдим. Кейин эса мижозим Жеймс Кэмбеллнинг таниш овозини эшитдим: “Джон, мен сенга биз ўзимиз учун ҳар куни ўлишимиз кераклигини эслатиш учунгина қўнғироқ қилаяпман”. Бу эса ҳақиқат. Ўша ёқда, юқорида, “Мен хизмат қиламан” деб айтишни хоҳлаган ҳар ким учун ҳамиша жой бор. Мен бир неча йиллар аввал Зиг Зигларнинг сўзларини эшитгандим. У ўз тақдимотида шундай деганди: “Ҳаётда сиз нимани хоҳласангиз бариси бўлади, агарда сиз бошқаларга хоҳлаган нарсаларини ҳаётдан олишларига ёрдам берсангиз, ўзингизнинг ҳаётингизда ҳам хоҳлаган барча нарсангиз бўлади”. Мен бу мурожаатни эшитган чоғимда, худди ичимда нимадир портлагандек бўлди. Мен ўшанда бу қоидани ўз ҳаётимга киритиш учун онгли равишда бир қарорга келдим. Бу эса беқиёс ўзгаришларга олиб келди. Чинакам масиҳий етакчилиги хизмат қилишдан бошланади. Худбинлик ҳамиша ўз–ўзини нобуд қилишга олиб боради. Кимдир шундай деганди: “Одам фақат ўзига қарайверса, унинг кўзлари ғилайлашиб қолади”. Хизматкор бўлиш энг яхши машғулот эмас. Биласизми, биз ўзимиз ҳақимизда ўйлашга ўргатилганмиз. Шу боис тўқсон етти фоиз одамларга янги ручка билан ёзишни таклиф этганларида, улар ўз исмларини ёзишади. Аммо маълумки, биз интилишларимиз ва ўзимизча қилган ҳаракатларимизга қарамасдан, кимдир соврин олиши учун ғамхўрлик қилсак, кўпроғига эришишимиз мумкин. Худо ҳамиша биз кимнидир бошқариб бораётган бўлсак, ўшанга хизмат қилишга даъват этади. Бундан бирор фойда чиқишини кўзламаган ҳолда хизмат қилишга хоҳишингиз бўлсин. Ўзингизга йўл ахтаришдан аввал бошқа биров учун йўл изланг. Ҳеч ким хизмат қилишни ўрганиб олмагунича ҳаётда муваффақиятга эриша олмайди. Кўхна мақол шундай дейди: “Сарой тахтига йўл – хизматкор кулбаси олдидан ўтади”. Сиз ҳаётингиздаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилишингиз мумкин: сиз қарзини тўлаш учун имкони ёки манбаалари бўлмаган одамга нимадир қилишингиз мумкин. Раббимиз шундай дейди: “Орангизда ким бош бўлса, сизларга хизмат қилсин” (Мат. 23:11). У эълон қилади: “Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин” (Мат. 20:26:27). Масиҳийлик ҳаётининг ақл бовар қилмас устунликларидан бири шуки, сиз қачонки бошқаларга ёрдам бериш учун ўзингизни бағишлар экансиз, мукофотларга тўлиб–тошмасликнинг иложи йўқ. Бошқаларга хизмат қилганингиз учун мукофот ва марҳаматлар сиз ўзингиз тасаввур қилганингиздан ҳам зиёда бўлади. 23 БОБ Сизнинг энг яхши дўстларингиз – сиздаги энг яхши хусусиятларни уйғотувчилардир Биз мулоқот борасидаги чекланишларда ниҳоятда эътиборли бўлишимиз лозим. Биз ўзимизни бадбин одамлар ва хаёллардан муҳофаза қилишимиз керак. Бироқ биз ҳеч қачон Худонинг амрлари ва ўгитларидан ўзимизни олиб қочмаслигимиз керак. Маълумки, нохушликлар сизнинг даврангиздан ўрин олишни истайди. Ҳикматлар китобида (27:19) шуни ўқиймиз: “Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби, юраги ҳам унинг кўзгусидир”. Худди шу китоб шундай ўргатади: “Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади” (Ҳик. 13:20). Биз ўзимиз мулоқотда бўлаётган одамларга ўхшаб бораверамиз. Бундан бир неча йиллар муқаддам мен ҳаётимда турғунлик вақти бошланганини пайқадим. Мен сермаҳсул тарзда ишлашни бас қилдим ва Худонинг иродасини яққол кўришга лаёқатсиз бўлиб қолдим. Сўнгра эса деярли барча яқин дўстларим худди шундай вазиятда турганларини пайқадим. Биз ўзаро учрашган чоғларимизда фақатгина муаммоларимиз ҳақида гапирардик. Ибодат қилган вақтларимда эса Раббий менинг ҳаётимда “илдизи бақувват” одамлар бўлишини хоҳлаётганини аён этди. Бундай одамлар биздаги энг яхши нарсаларни англаб етишади ва бизга таъсир кўрсатиб, янада яхши бўлишимиз учун жўшқинлик уйғотишади. Улар буюк эътиқодга эга бўлишга ва қатъиятга бизни ундаб, ҳар бир ҳолатда ҳам Худонинг мақсадларини кўришади. Улар билан учрашувдан сўнг бизнинг руҳимиз кўтарилади. Мен ёмон даврада бўлгандан кўра ёлғиз қолиш афзал эканлигини тушундим. Донишманд одам билан биргина суҳбат йиллар мобайнида олинган сабоқлардан ҳам қимматли бўлиши мумкин экан. Худо менга атрофимни ўзгартиришимни, мен мунтазам равишда учрашиб туришим керак бўлган одамлар мавжудлигини кўрсатди. Улар юксак эътиқодли эркаклар ва аёллар эди, ана шундайлар туфайли биз ҳаттоки уларнинг яқинида турганимизда ҳам яхши бўлиб бораверамиз. Бу одамлар мендаги иқтидорни кўриб севгилари билан менинг тузалишимга кўмак бердилар. Мен ўз яқин атрофимдагиларни ўзгартиришга аҳд қилганимда эса, бу ҳаётимдаги бурилиш онлари бўлди. Агар сиз ўзингизни оқил одамлар билан қуршаб олган бўлсангиз, Худо сизга тайёрлаб қўйган келишув кучга киради. Воиз китобида (4:9-10; 12) шундай деб уқтирилади: “Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди... Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир”. Сиз нотўғри фикрлайдиган “мутахассис”лардан қочишингиз керак. Ёдингизда тутинг: ўртамиёна одам назарида чалғитиш ҳамиша буюкликдек туюлади. Яқин атрофингиздагиларни диққат билан баҳоланг, негаки бу билан ўзингиз борадиган йўналишни белгилайсиз. 24 БОБ Биз оломонга қўшилиб кетиш учун эмас, балки ундан ажралиб туриш учун даъват этилганмиз Аксарият кўпчилик одамлар юқори даражада мослашган бўлишади. Бемаъни гапларни ҳаттоки минглаб одамлар айтишса ҳам, бу барибир аҳмоқлик бўлиб қолаверади. Ҳақиқат ҳеч қачон ягона фикрга боғлиқ эмас. Бутруснинг биринчи мактубида (2:9) бизларга, масиҳийларга шундай дейилган: “Аммо сизлар — Шоҳаншоҳ руҳонийлари, танланган бир насл, муқаддас қавм, Худонинг азиз халқисиз. Худо сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, Унинг буюк ишларини эълон қилишингиз учун сизларни танлаган”. Римликларга мактуб (12:2) бизга уқтиради: “Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз”. Сизга нисбатан айтилган энг яхши мақтовлардан бири, бу, сиз бошқаларга ўхшамайсиз, ягонасиз, демоқликдир. Биз, масиҳийлар, бу оламда яшаяпмиз, бироқ биз бу ерда ажнабийлармиз, келгиндилармиз. Биз бошқача гапиришимиз, бошқача қилишимиз, бошқача йўл тутишимиз лозим. Биз ажралиб туриш учун даъват этилганмиз. Сизни бошқалардан ажратиб турадиган нимадир бўлиши керак. Агар сиз оломондан ажралиб турмасангиз, агар сизда ҳеч бир ноёблик бўлмаса, сиз ўз қадр–қимматингизни қайта баҳолашингизга тўғри келади. Оломондан юқорига кўтарилишнинг йўлларидан бири – одатдаги ишларни катта жўшқинлик билан ноодатий тарзда, табиийликдан юқори даражада бошлашдир. Худо Ўзининг энг буюк ишларини, гарчи вазият уларга қарши бўлгандек туюлса ҳам, кам миқдордаги одамлар орқали бажарган. Муқаддас Китобда ёзилган ҳар бир жангда Худо ҳамиша мазлумлар тарафида, яъни камчилик кишилар тарафида бўлган. Кўпчиликнинг қоидаси ҳамиша ҳам тўғри эмас. Одатда орзу қилишни билмайдиган, ўзида шахсий тушунчаси бўлмаган одамлар талабгорлик ҳуқуқига эга бўлишни исташади. Ўзаро гуруҳларга уюшган одамлар интилишга бўлган мойилликни тўғри деб ҳисоблашмайди. Жамоа нуқтаи-назари сизнинг фикрингизни ўзгартиришига йўл қўйманг. Кимдир ишончга эга бўлмаса ҳам, сиз ишонч билан яшашда давом этаверинг. Ҳаёт йўлингиз бўйлаб бораётганда ҳеч қачон оломон кетаётган йўналишни танламанг. Ва ҳеч қачон кимдир сиз билан бир фикрда бўлмаганлиги учун ҳаммасини ташлаб кетишга қарор қилманг. Мана, сизда қандайдир ғоя туғилганида сиз қилишингиз мумкин бўлган иккита энг ёмон баёнот: “менгача буни ҳеч ким қилган эмас” ва “буни менгача қилиб бўлишган”. Ҳаттоки кимдир ўз йўлида мақсадига эришмаган бўлса, бу сиз ҳам муваффақиятсизликка учрашингизни билдирмайди. Кашфиётчи бўлинг; сизга қарата ўқлар ва найзалар отилади, аммо сиз олдинга интилинг ва таслим бўлманг. 25 БОБ Бугун – сиз ниманидир кечиб ўтмоқчи бўлган кун Ўзингиз бошдан кечираётган ҳолатлар ҳақида гапиришни бас қилинг Шу ҳолатларни кечиб ўтишга бугуноқ қарор қабул қилинг! Мен нимани назарда тутаяпман? Мана нима: сизнинг ҳозирги вақтинчалик аҳволингиз доимо ҳам, хусусан, келажакда ҳам шундай бўлади деб ҳисоблаш керак эмас. Бугунги вазиятга қарамасдан, муваффақиятга ва Худо даъватини ижро этишга фикран ўзингизни тайёрланг. Худо бизни ҳаётда дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай вазиятлардан олиб ўтишни истайди. Биз ўзимиз кўраётган нарсаларга эмас, балки ўзимиз кўрмаётган нарсалар томон ҳаракатланишимиз керак. Ҳаворий Павлус биз кўрганларимиз билан эмас, балки имон билан юришимиз ҳақида ёзганида айнан шуни назарда тутганди (2 Кор. 5:7). Ҳозирги вазиятда бугунги кун “имон билан” юрадиган худди ўша кундир. Мабодо сиз кўп йиллар мобайнида, “мен бундан ўта оламан”, деб айтган бўлсангиз, демак, сиз энди пластинкани алмаштиришингиз керак. Шундай эълон қилинг: “Бас! Айнан ҳозир мен бундай тартибсизликка барҳам бераман! “ Муқаддас Китобда сизга бугун ёрдам бериши мумкин бўлган кўплаб ўгитлар бор. Агар сиз бу ўгитларга ишониб амал қилсангиз, вақт ўтиб ёки аста-секинлик билан сизнинг ҳолатингиз Худонинг иродаси ва Каломи бўйича қурилаётганлигини кўрасиз. Кўраяпсизми, айнан шайтон биз ўзгартирмоқчи бўлган ҳолатни ҳеч қачон енгиб ўтолмаслигимиз ва асло ғолиб бўлмаслигимиз ҳақида бизга шивирламоқда. Лекин Коринфликларга биринчи мактубда (10:13) бизга шундай дейилган: “Сизлар тушган васваса бошқаларнинг ҳам бошига тушган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун, керакли пайтда васвасадан қутилиш йўлини ҳам беради”. Бу сиз эгаллаб олишингиз ва юрагингизда маҳкам ушлашингиз керак бўлган оятдир. Худо садоқатлидир. У сизга юзага келган ҳолатдан чиқиб кетиш имконини яратади. Шу боис юрагингизда ишонч билан дадил эълон қилишингиз мумкин: “Ўзим чиқиб кетмоқчи бўлган ҳолатдан чиқиб кета оламан”. Ташқи ҳолатлар аввалгидек қолиши мумкин, аммо Худо билан сизнинг ўртангиздаги иш бажарилган бўлади. Айрим кишилар бутун ҳаётлари мобайнида ўзлари дуч келган ҳолатни енгиб ўтиш учун Худони ва Унинг ёрдамини излаш учун мустаҳкам қарорга келишга ҳаттоки уриниб кўришмайди. Узоқ бардошли бўлиш ҳақидаги бизга берилган амр, бизни бир сонияга бўлса ҳам оғир вазиятларда ортиқ ушланиб туришимизни талаб этмайди. Мана, агарда ғолиб чиқишни истасак, ўзимизни қандай тутишимиз керак: “Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз” (Рим.12:2). Онгингизни Худонинг Каломи бўйича янгиланг. Ўшанда сиз Худонинг амалга оширган марҳаматли ва мукаммал иродасини англайсиз ҳамда нималарни кечиб ўтишни орзу қилган бўлсангиз, батамом бунга қодир бўласиз. 26 БОБ Кўпгина яхши ғояларга “Йўқ” деб деб айтинг Шайтоннинг ҳийлаларидан бири шуки, у бизни кўп нарсаларга “Ҳа” деб айтишга ундайди. Ва биз шу даражада сийқалашиб қоламизки, ўртамиёна даражага тушиб, ҳеч нимани қойиллата олмаймиз. Мағлубиятга учрашнинг кафолатланган қоидаси бор: сиз ҳамманинг кўнглини топишга интилинг. “Яхши” ва “Тўғри” – булар бошқа-бошқа тушунчалардир. Авваламбор, кўпчилик яхшини тўғридан фарқлай олмай қийналади. Биз энг аввало кучларни бошқа йўналишга қаратишга эмас, балки тўғри ишларни аъло даражада бажариш учун даъват этилганмиз. Ҳар бир одамнинг ҳаётида кўпгина яхши ғояларга “Йўқ” деб айтишга ўрганиши зарур бўлган вақт келади. Аслида инсон қанчалик улғайса, шунчалик даражада "Йўқ" деб айтиши учун имкон бўлади. Муваффақиятнинг сири – одам ўзини жамлай олишида. Эҳтимол, бошқа ҳеч бир фазилат бу каби муваффақият негизи бўлмагандир. Васваса эса ҳаммасини оз-оздан қилиш истагидан ҳосил бўлади. Яхши ғояларга “Йўқ” деб айтиш “Ҳеч қачон” маъносини англатмайди; “Йўқ” сўзи “ҳозир эмас” маъносини билдириши мумкин. “Йўқ” сўзида муайян куч мавжуд. “Йўқ” – фавқулоддаги ҳолатлар ва заифликнинг негизини синдириб ташловчи юмшатилган сўздир. “Йўқ” ёмон вазиятни яхшига, нотўғрини тўғрига айлантириши мумкин. “Йўқ” сизни аслида ҳозир кўтариб юришингиз керак бўлмаган юкдан халос этади. Шунингдек, буни айта олиш Худонинг қонунларини ҳаётга тадбиқ этиш учун етарлича вақт ва кучларингизни ажратишга ёрдам беради. Мен ишонаманки, сиз бу бобнинг сарлавҳасини ўқиганингизда ўтмишдаги кечинмаларингиз ва ҳозирги ҳолатингиз хаёлингизга келди. Ишончим комил, сиз “Йўқ” ёки “Ҳозир эмас” деб айтиш тўғри келадиган кўпгина вазиятларни эсга олиб турибсиз. Келажакда бунга ўхшаш умидсизликдан ўзингизни эҳтиёт қилинг. “Ҳа” ва “Йўқ” – булар сиз қачонлардир айтган иккита энг муҳим сўзлардир. Бу иккала сўз сизнинг тақдирингизни белгилаб беради. Сиз бу сўзларни айтганингизда, улар келажагингизга ўз таъсирини ўтказади. Унчалик муҳим бўлмаган нарсаларга “Йўқ” деб айта олиш, ҳаётдаги муҳим нарсаларга “Ҳа” деб айта олишни билдиради. 27 БОБ Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади Худонинг айтганини Унинг Ўзи белгилаган вақтда бажарсангиз юрадиган йўлингиз қисқа бўлишини биласизми? Худонинг иродасидан ташқарида бўлган қисқа йўл ноқулай келишувга олиб келади, чалкашлик ва можароларни пайдо қилади. Биз, имонлилар, узоқ масофага югурувчилар эканлигимизни тушунишимиз лозим. Бизлар узоққа югурувчилармиз, чопқирлар эмасмиз. Бизга тезда бойиб кетишга олиб борадиган, келишмовчилик эшикларини очиб берадиган қисқа йўллар тўғри келмайди. Қадимий бир тўғри матал бор: “Агар сиз ҳунарнинг фақат сирли жиҳатларини ўрганмоқчи бўлсангиз, у ҳолда ҳунарнинг ўзини ҳеч қачон эгаллай олмайсиз”. Мана, ўз хониши билан машҳур бўлган чиройли қушча ҳақидаги воқеа. Кунлардан бирида қушча дарахт шохида туриб, тинимсиз сайраётганди. Шу вақт дарахт остидан бир одам ўтаётиб, унинг қандай сайраётганини эшитиб қолди. Қушча бу одамнинг қутича кўтариб кетаётганини кўрди. “Қутичангда нима бор? – деб сўради қушча. Ҳалиги одам қутичада катта семиз чувалчанглар борлигини айтди. “Мен сенга ҳар бир дона патинг учун бир дона чувалчанг бераман” – дея таклиф қилибди ўша одам. Қушча пастга учиб тушибди, патидан биттасини юлиб чувалчангга алмаштирибди. Чувалчангни еб бўлиб, қушча шундай хаёлга борибди: “Чувалчангларни олиш шунчалик осон экан, нега уларни топиш учун кўп меҳнат қилишим керак?” Шу тарзда кўпгина кунлар ўтибди ва тез орада чувалчанг учун тўлашига бир дона ҳам пати қолмабди. Шунинг билан биргаликда қушча энди учолмас, аввалги чиройи қолмаган ва нафис наволарни куйлашни ёқтирмай қолибди. Шу тариқа у ақлсиз ва бебахт қушчага айланиб қолибди. Кўп ҳолларда биз шу қушчага ўхшаб қоламиз: биз доимо ўзимиз истаган нарсаларни эгаллаш, ўзимиз хоҳлаган натижаларга эришиш ва улгуриб қолиш учун қисқа йўлни топиш ҳавасига бериламиз. Аммо, афсуски, бу қашшоқ тасаввурнинг ўз баҳоси бўлиб, энг қисқа йўл давомида уни тўлашимиз керак бўлади. Вақт ўтиб биз муваффақият сари қисқа йўл бўлмаслигини тушунамиз. Ҳаётнинг сирли ҳақиқатларидан бири шуки, соврин йўли совриннинг ўзидан кўра катта қийматга эга. Қисқа йўллар биздан йўл давомида олишимиз керак бўлган бебаҳо сабоқни ўғирлайди. Мабодо сизга Худо даъват этмайдиган қисқароқ йўлни таклиф этаётган бўлишса, айтинг: “Йўқ”. Худо йўллаган ўша йўлда қатъий ва тиришқоқ бўлинг. Ҳа, бу тўғри: биз қулай вазиятлар марказига етгунимизга қадар вақт ўзгармайдиган йўлда қолишимиз лозим. 28 БОБ Бўйсунишдан бош тортсангиз, йўлингиз тўсиқларда тугайди Биз одамлар, ўзгариш учун яратилганмиз. Чинакам ўзгаришлар учун кийимлар, уйлар, бинолар каби ҳиссиз жиҳозлар хусусиятли эмас. Улар эскириб, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга тушади. Аммо ҳар биримиз ҳар қандай ёшда, ҳар қандай вақтда ўзгара оламиз. Ўзгариш ҳар доимо ҳам ўзига қарши чиқишни англатмайди. Аслида бу кўп ҳолларда нимадир қўшиш ёки кўникмаларга енгилгина бошқачароқ ёндашишни билдиради. Худо бизни ўзгаришга чорлаганида, биз ўша мақсад сари боришда давом этамиз, лекин бошқачароқ ҳам бўлиши мумкин. Агар биз Худо талаб этганида ўзгаришни рад этаверсак, у ҳолда ўзимизни чеклайдиган ва ушлаб турадиган кишанларни яратамиз. Биз келажак ҳақида билишимиз керак бўлган учта нарса бор: 1) Келажак ўтмишга ўхшамаслиги керак. 2) Келажак биз тасаввур қилганимиздек бўлмайди. 3) Ўзгаришлар тезлиги биз тасаввур қилганимиздан ҳам юқори бўлади. Муқаддас Китоб биз яшаётган сўнгги даврларда ўзгаришлар тарихда ҳеч қачон бўлмаган тарзда тез бўлиши ҳақида огоҳлантиради. 1803 йилда инглизлар давлат хизматчилигида бир вазифани тасдиқлашди. Бунга кўра, бир одам Дувр тепаликларида туриб дурбин орқали денгизни кузатиши керак эди. У мабодо Наполеон Бонапарт кемалари яқинлашиб келаётганини кўриб қолса, қўнғироқ чалиб огоҳлантириши лозим бўлган. Наполеоннинг бостириб кириш хавфи аллақачон унутилган, аммо бу вазифа фақат 1945 йилдагина бекор қилинди! Дувр қирларидаги қанча дурбинлар ҳанузгача сизнинг ҳаётингизда мавжуд? “Биз доимо шундай қилганмиз” қоидаси Худо сизга бугун бераётган имкониятлардан воз кечишингиз учун сабаб бўлмаслиги керак. Ҳаттоки энг чиройли қимматбаҳо тошларга ҳам улар ярқираб нур сочиши учун сайқал бериш керак. Ўзгаришлар доимо давом этаверади. Сиз қориладиган ва ўзгармайдиган бетонга ўхшаб қолманг. Ишаё китобида (42:9) Худо шундай дейди: “Мен сизларга келажакдаги воқеаларни юз бермасдан олдин айтяпман. Олдин аён қилганларимга қаранг. Ана, ўшалар бажо бўлди–ку!”. Муқаддас Китоб – бизни юз берадиган ўзгаришларга муносабат билдиришга ўргатадиган китобдир. Биласизми, мен кўпгина вазиятларга қандай муносабат билдиришимизни эртароқ ҳал этишимиз мумкин дея ҳисоблайман. Бундан кўп йиллар аввал мен баскетбол жамоасига мураббий бўлганимда, одатда ўз шогирдларимга кўпгина ҳолларда ўйин тақдири олдиндан ҳал қилиниши мумкинлигини айтардим. Биз ўйиндаги турли вазиятларни ўрганиб чиқардик, бунинг сабаби, ўйинчилар ростмана ўйинга тушганларида нимани қўллаш кераклигини билишарди. Худо Каломининг вазифаларидан бири – бу бизни ҳаётимизда дуч келадиган кўплаб вазиятларга тўғри муносабат билдиришимизга олдиндан тайёрлашдир. Худонинг режаларидан орқага чекинманг. У қилаётган янгиликка эътиборли бўлинг. Муқаддас Руҳга нисбатан сезгир бўлинг ва билингки, бизнинг Раббимиз – бизни йўналтираётган, ҳаракатлантираётган ва тузатаётган Худодир. У ҳамиша бизни мукаммалликка яқинлаштириш учун меҳнат қилади. 29 БОБ Барча катта нарсалар кичигидан бошланади Муқаддас Китоб ҳикоя қиладиган барча азиз одамлар кичик ишларда садоқатли бўлганлар. Матто Хушхабарининг 25-бобида Исонинг талантлар ҳақидаги масали ёзилган. Унда Исо хўжайин ишониб берган пулларни икки баробар кўпайтирган хизматкор ҳақида сўзлаб беради, 23-оятда хўжайин бу одамга шундай дейди: “Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун, сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл”. Закариё пайғамбар Китобида (4:10) Худо пайғамбарга қуйидагиларни айтади: “Қурилишнинг бошланиши арзимасдай кўринса ҳам, кўнглингиз чўкмасин!” Бу ерда кичик қадамларга нисбатан фавқулодда ҳаракатлананувчи қоида очиб берилган. Кўпчилик одамлар Худо билан бирга шу сабабли ҳам юрмайдиларки, улар ўзларига Худо тайёрлаган кичик қадамни қўйишни исташмайди. Мабодо сиз Худо даъват этган йўналиш бўйича муайян бир жабҳада ҳаракатланиш учун ундашни олган бўлсангиз, сиз имконият учун ташланишингиз керак – унинг қанчалик кичиклиги муҳим эмас. Мабодо сиз уйда ўтириб, қандайдир катта бир жамоатдан ёшлар чўпони бўлишингиз ҳақидаги таклифни кутаётган бўлсангиз, билингки, бу ҳеч қачон юз бермайди. Сиз бирорта ёшроқ инсонни топиб, уни бағрингизга босишингиз ва унга хизмат қилишни бошлашингиз керак. Кичик қадамларни қўйишдан қўрқманг. Муқаддас Китоб агарда биз кичик ишларда собит бўлсак, вақти келиб катта ишларни бошқара олишимиз ҳақида ваъда беради. Кўп ҳолларда тажрибамиз етишмаслиги аён бўлиб қолади.. Мен ўз ҳаётимда Худо мени чорлаганларидан қўрқувга тушиб, гўё музлаб қолган вақтларимни эслайман. Бу вазифа менга шу қадар улкан бўлиб туюлдики, ҳаттоки унга назар ташлашга ноқобил эдим. Ўшанда олдимга дўстим келиб икки оғизгина сўз айтганди, ана шу сўзлар ҳаётимдаги мутлоқ ҳимоясизлик ҳолатини йўққа чиқарди. У шунчаки айтди: “Ҳар қалай, нимадир қилгин!” Мабодо Худо сизга нимадир қилишни айтганида ўзингизни ҳимоясиздек ҳис қилаётган бўлсангиз, ўша сўзлар бугун сиз учун: “Ҳар қалай, нимадир қилинг!" Мақсадингиздан ташвиш тортманг, шунчаки қадам ташланг – шунда сизнинг ўтмишингиз жўнатиш нуқтасигина бўлиб қолади, сиз эса орқага қайтиш умуман мумкин бўлмаган жойга тушиб қоласиз. Зеро, қанчалик юқорига кўтарилсангиз, шунчалик кўпроқ кўришингиз мумкин. Биз ҳар бир биримиз ўз томорқамизда ўсишни ўрганишимиз керак. Бошлашдан қўрқманг. Эрик Хоффер шундай деганди: “Кўпчилик одамларни “собиқ” бўлиб қолишдан қўрқув ҳисси нимадир қилишдан қайтариб туради”. Ҳар қандай буюк ғоя сиз илк қадам қўяётган жойда амалга ошмайдигандек туюлади. Кўпгина одамлар улгура олишмайди, боиси ҳатто бирор нарса қилиб кўришдан қўрқишади. Улар аввалги қўрқувлари туфайли муваффақиятсизликка учраганлар, энди эса катта қадам ташлашга юраклари дов бермайди. Жуда кўп ҳолларда мақсадга етишиш шунчалик узоқ туюладики, бу бизни ҳар қандай ҳаракат қилишдан қайтариб туради. Бироқ сизнинг бир қарорга келиб қадам ташлашингизнинг ўзиёқ йўлнинг ярмидан кўпини босиб ўтганингизни билдиради. Қандай вазият бўлишидан қатъий назар, Худо ҳамиша сиз билан бирга. Фақатгина бир ўйлаб кўринг, ҳозир эга бўлганларингизни йўқотиб, унга яна қайта эга бўлсангиз, қанчалик миннатдор бўлган бўлар эдингиз. Қадам қўйиш учун тайёр бўлармидингиз? Абадият ҳақида доимо ўйланг, аммо ҳар куни ҳаракатда бўлинг. 30 БОБ Елкадаги параха бир тонна юкка ўхшайди Кечирим – ўзаро инсоний эзгу муносабатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Сизнинг қўлларингиз банд бўлса, бирор инсонни бағрингизга боса олмайсиз. Бошқаларни кечирар эканмиз, Худо жавоб тариқасида бизнинг хато ва муваффақиятсизликларимизни кечиришига кўпроқ ишонч ҳосил қиламиз. Матто Хушхабарида (6:14-15) Исо шундай дейди: “Агар сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради. Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди”. Кечирмаслик юки одамни барбод қилади. Бу биз босиб ўтишимиз даъват этилган йўлда олиб ўтишимиз лозим бўлган оғир юкдир. Кечиришга ва унутишга қарор қилиб, ҳеч қачон шундай деманг: “Лекин ҳеч ким бу одамнинг менга нималар қилганини билмайди”. Балки бу ҳам тўғридир, аммо масала мана нимада: кечирмаслик сиз билан нималар қилишини билармикансиз? Аслида аҳамият касб этадигани биз билан юз бермайдиган ҳолатлар эмас, айнан бизда содир бўладиганидир. Кечирмаслик – янгиланишга ўз таъсирини муқаррар кўрсатадиган изтиробга сабаб бўлади. Катта миқдордаги ақлий қувват нохуш вазиятлар хусусида ва ҳисоб–китоб қилиш учун режалар тузишга сарф қилинади. Бундай хилдаги фикрлаш мутлақо беҳудадир. Ўртадаги кўприкларни ёқишни одат қилиб олган кишилар тез орада айнан ўзлари рад этилган ва ёлғиз эканликларини, шунингдек, қолган бутун умрларида энди душман билан яшашга тўғри келишини англаб етишади. Шу боис, биз кўприкларни ёқишимиз эмас, балки уларни қуришимиз керак. Қасд – саёҳат давомидаги ёмон ҳамроҳга ўхшайди. Ҳар бир масиҳий ярашувга хизмат қилиш учун даъват этилган (қаранг: 2-Кор. 5:18). Қасос олиш хоҳиши ҳамиша ҳаётда тушкунлик ва мувозанатнинг бузилишига сабаб бўлади. Мен Америкадаги барча жамоатлар билан ишлаганман, ҳар қандай турғун вазиятларда кечирмасликнинг кўламини пайқаганман. Ва аксинча, ривож топиб бораётган жамоатларда ўтмишдаги муаммолар ҳақида умуман гапирмасликларини кузатдим. Кечиримнинг кучини паст баҳоламанг: унинг шарофати билан сиз ўз мақсадларингизга эришиш ва даъват этилган вазифаларингиз учун озод бўласиз. Кечирим – бу сизни ёмонлаб, танқид қилган одам устидан сизнинг ягона ҳукмронлигингиздир. Сиз кечирим сари қанчалик яқинлашсангиз, нохуш вазиятлар ва ўртангиздаги масофа шунчалик қисқараверади. Кечирим сизга руҳий интилишингизда устунлик беради ва ҳаёт мусобақаларида иккинчи нафасни очади. 31 БОБ Ҳеч қачон ашаддий ҳасадгўйларга орзуларингизни берманг Ҳеч ким сизни ўз рухсатингизсиз лаёқатсиз деб ҳис қилишингизга мажбурлаши мумкин эмас. Ношукурлик ва танқид албатта бўлади: улар чалғитишдан юқорига кўтарилиш истаги учун тўлов баҳосининг бир қисмидир. Исонинг Ўзи ўнлаб мажруҳларни тузатиб, фақат биттасидан миннатдорчилик эшитганди (Луқо 17:11-15). Бошқаларнинг ношукурлигидан ҳайрон қолиш ўрнига, биз уларнинг миннатдорчиликларини сабр билан кутишни ўрганишимиз лозим. Мабодо сиз Худо билан бораётган бўлсангиз, сизни танқид қилишади. Танқиддан қутулишнинг ягона йўли – ҳеч нарса қилмаслик ва ҳеч ким бўлмасликдир. Кимки нимадир қилишни истар экан, танқиддан қочиб қутула олмайди. Муқаддас Китобда танқидга алоқадор бир ажойиб ваъда бор: ҳақиқат албатта ёлғонни бошидан кечиради. Бу фикр Ҳикматлар Китобида ўз тасдиғини топади (12:19): “Ростгўй лаблар абадийдир, ёлғон тил эса бир лаҳзаликдир”. Шунингдек, Ибронийларга мактубда (13:6) ҳам шундай дейилади: “Шунинг учун биз ишонч билан айта оламиз: “Эгам Мададкоримдир, шу боис қўрқмайман. Инсонлар менга нима қила олади?!” Биз ҳеч қачон инсонни унинг душманлари айтаётгани бўйича муҳокама қилмаслигимиз керак. Менинг назаримда, Кеннет Тинан танқидга энг яхши аниқлик киритган. “Танқидчи, – деган у, – йўлни биладиган, аммо машинани ҳайдай олмайдиган одамдир”. Биз масиҳийлар, танқидга жавоб қайтариш учун даъват этилмаганмиз; биз Худога жавоб беришга даъват этилганмиз. Шу билан биргаликда, танқид ҳақиқат баён этилиши учун яхши минбарни тақдим этади. Кўпгина ҳолларда танқидга мойил одамлар ёки ҳасад қилишади ёки нотўғри маълумотга эга бўладилар. Улар одатда аслида ҳақиқатга жиддий зиён етказмайдиган нарсалар ҳақида гапирадилар. Машҳур бир мақол бу вазиятни тўлақонли акс эттиради: “Ит ҳурар – карвон ўтар”. Сиз қачонки Худодан гапирар ва бажарар экансиз, ҳаттоки бутун дунёдаги одамлар бунга қарши чиқиб сизни танқид қилсалар ҳам, уларнинг фикри ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Худди шунингдек, агарда сизнинг ишларингизда Худо бўлмаса ҳам, бошқа одамлар нима дейишмасин, бу барибир тўғри дегани эмас. Салбий танқидларга эътибор берманг. “Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин...” (Заб.36:3), зеро, Парвардигор учун нимаики қилаётган бўлсангиз, охир-оқибат, албатта тақдирланасиз. 32 БОБ Муаммо олдинга интилишни англатади Ҳар қандай қаршилик одамнинг ўзига қаратилган кўзларини очади. Биз йўлимизда дуч келадиган тўсиқларга қандай муносабат билдиришимиз ниҳоятда муҳим. Муқаддас Китобда ҳаммага, шу жумладан, Довуд исмли ёш чўпоннинг акаларига қўрқув солиб, Исроил қўшинига қарши турган баҳайбат Гўлиёт, тўсиқнинг энг ёрқин мисоли сифатида намоён бўлади. Биз биламизки, Довуднинг акалари, бундай тўсиққа қарши ҳеч нарса қилолмаймиз, дея ўйлашган. Довуд эса буни уддалашини билган. Довуд ва унинг акалари ўртасидаги фарқ мана нимада: акалар душманнинг баҳайбатлигини кўриб, унга зарба бериб бўлмайди, дея ҳисоблашди, Довуд эса мўлжалга ура олиши учун душманнинг баҳайбатлиги қўл келишини ҳисобга олди. Сиз ҳаётингиздаги тўсиқни қандай баҳоласангиз, айнан шу баҳо ҳаммасини белгилаб беради. Келинг, ҳар бир тўсиқ сиз Худони англашингизда янада юқорироқ даражага ҳаракатланишга ундасин. Ҳар қандай қаршилик сизни албатта ўзгартиради. Қаршилик кўрсатиш натижасида эса сиз ёмонроқ ёки яхшироқ бўлиб қолишингиз мумкин. Бироқ доимо тўсиққа алоқадор муҳим бир ҳолатни ёдингизда тутинг: ҳар қандай қаршилик ўзининг ҳаракат вақтига эга. Одатда биз ўтган йили нимадан қайғурган бўлсак, бугун ҳаттоки уни эслай олмаймиз. Шайтоннинг энг катта ёлғонларидан бири вазиятлар ҳолати ўзгармай қолишини уқтиришидан иборатдир. Қатъиятсиз одамлар бўйсуниш ва тўсиқларга йўл бериш кўникмаларига эга бўлишади. Сиз ва мен, ҳаётларидаги тўсиқларни енгиб ўтишда нима ёрдам бераётганлиги ҳақидаги саволга “бошқа тўсиқлар” деб жавоб бераётган буюк инсонларга ўхшашимиз керак. Биз шамолга қарши чиқиб ундан яна ва яна осмонга кўтарилишида фойдаланаётган учар илонга монанд бўлишимиз лозим. Ҳар қандай муаммонинг заиф жойи бор, бу эса уни ҳал этиб беради. Биз дуч келадиган кўпгина тўсиқлар молияга боғлиқ бўлиб тўғри нуқтаи-назар қуйидагилардан иборат: агарда муаммо чек дафтарчаси орқали ҳал қилинса, бу аслида муаммо эмас, балки харажатлар қисмидир. Кимдир, тўсиқлар – бу биз мақсаддан назаримизни бошқа ёққа қаратганимизда кўрадиганларимиз, деганди. Мақсадга қаранг ва ёдингизда тутинг, сиз бу курашда ёлғиз эмассиз, негаки, биз “...биламизки, Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра даъват этди” ( Рим. 8:28). Дарҳақиқат, оғир дамларда сизга тўғри келадиган ҳолат қаршингиздаги тўсиқ эмас: қаршингизда сиз қилишингиз мумкин бўлган танлов туради. Оғир вазиятларнинг қоқ марказида бўлганингизда, ишончингизни йўқотиб қўйманг. 33 БОБ Агар сиз нимадандир шубҳалансангиз, уни қилманг Овчи кунларнинг бирида ўрмонда айиққа дуч келибди. Айиқ овчига шундай дебди: “Менинг қорним оч”. Овчи жавоб қайтарибди: “Менга эса юмшоқ мўйна керак”. “У ҳолда келиша қолайлик” – дея таклиф қилибди айиқ ва овчини тезда паққос туширибди. Натижада икковлари ҳам истаганларига етишибди: айиқнинг қорни тўйибди, овчи эса юмшоқ мўйнага бурканибди. Бу овчи келишув сабоғини олибди: мабодо сизга иккита ёмонликдан бирини танлашни таклиф қилишса – ҳеч қайсини танламанг. Қонунлар Китобида (30:19) Худо Ўз ҳалқига шундай дейди: “Бугун мен сизларга ҳаётни ёки ўлимни, баракаларни ёки лаънатларни танлаш имкониятини бердим. Бунга еру осмонни гувоҳ қилиб чақирдим. Ҳаётни танланг, шунда ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам яшайсизлар”. Сизда ва менда танлаш имконияти бор. Ҳар куни биз ҳаёт ва ўлим ўртасидагини танлашимиз керак. Биз ҳеч қачон нимагадир шунчаки рози бўлмаслигимиз керак, аксинча ҳамиша яхшисини излашимиз лозим. Ҳақиқат шундаки, кучли инсон келишувга осонгина рози бўлавермайди. Келишув доимо танлаш имкониятларидан кўра қимматроққа тушади. Худонинг даъвати – бу энг яхшисига чорлов демакдир, ҳеч қачон –чалғитишга эмас. Мабодо ниманидир қилишга тўғри келса, уни яхшилаб уддалаш керак. Агар яхшироқ тарзда бажара олмасангиз, ўзингизни уринтирманг. Кимдир шундай деганди: “Агар сизда бу ишни яхши бажариш учун вақт бўлмаса, у ҳолда уни қайта қилиш учун қаёқдан вақт топасиз?” Агар ҳаётингиздаги бирор жабҳага келишувнинг киришига имкон берсангиз, бу ҳолда у ёйилиб бошқа жабҳаларга ҳам таъсир кўрсатади. Шунингдек, келишув орқали ёлғон, ҳийла ва адашмовчиликлар ҳаётингизга кириб уни эгаллайди. Мен Худодан мутлақо узоқлашиб кетган одамларни биламан. Уларнинг муаммоси ишларида келишувга рози бўлишдан бошланган. Улар тез орада аҳамиятсиз бўлиб қолган арзимаган масалаларда ҳам таслим бўлиш ва чекинишга тушдилар. Кўп вақт ўтмади, келишув уларнинг шахсий ҳаётига, уйларига кириб борди. Охир-оқибат, бу уларни чўктирди ва хароб қилди. Ҳикматлар китоби (4:26-27) бизни шундай огоҳлантиради: “Тўғри йўлни танлаб юргин, барча сўқмоқларинг мустаҳкам бўлсин. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма, ёвузликдан узоқлаш”. Келишувнинг ҳаётингизга кириб келишига ва уни барбод қилишига йўл қўйманг. Сиз шундай деб айтишингиз мумкин эмас: “ Мен бу борада келиша қоламан, шунда ҳаммаси яхши бўлади”. Аммо бунга ёпишиб қолсангиз, келишув ўсиб ва ёйилиб боради. Ҳалол ва тўғри инсон бўлинг. Ўзингизнинг яхши номингизни, Исо Масиҳ ва Унинг Жамоатининг покиза номини эҳтиёт қилинг. Мабодо бошқалар сизда масиҳийликни фақат ташриф қоғозингиз белгиси билан танийдиган бўлсалар, марҳамат қилиб уни йўқотинг. Шу бугуноқ келишувга қарши қўзғалинг. 34 БОБ “Шер қўмондонлик қилган қўйлар қўшини қўй бошчилигидаги шерлар лашкарини мағлуб этади” (Қадимий араб мақоли) Етакчининг қандай ўзига хос жиҳатлари мавжуд? Уни бошқалардан нима ажратиб туради? Қуйида ана шу ҳақда баён этилган • Етакчи доимо мақтовга сазовор. • Етакчи юқорига кўтарилиш жараёнида “раҳмат” ва “марҳамат” сўзларини айтишни ўрганади. • Етакчи ҳамиша такомиллашиб боради. • Етакчи олдиндан кўра билади ва бу нарса уни бошқаради. • Етакчи ҳатто муваффақият мавҳум бўлган пайтда ҳам олдинга ва юқорига интилади. • Етакчи қарама-қаршиликдан қўрқмайди. • Етакчи бошқалар хатосини айтишдан аввал ўз хатосини айтади. • Етакчи - ҳалол ва барқарор инсон. • Етакчи яхши номга эга. • Етакчи атрофдагиларга ижобий таъсир кўрсатади. • Етакчи бошқаларнинг майда ютуқларини ҳам мақташ ва қўллаб-қувватлаш борасида тезкор. • Етакчи бошқалар ҳақида сидқидилдан қайғуради. • Етакчи ўз ишини тўғри бажарадиганларни топишга уринади. • Етакчи бошқаларга оталиқ қилади. • Етакчи ўз камчиликларини тан олади ва бошқалар буни пайқашидан олдин эътибор қаратади. • Етакчи зорланишни таъқиқлайди - ўзига ҳам, бошқаларга ҳам. • Етакчи нимани кутаётганлигини аниқ билади. • Етакчи билан ишлаётганлар, унга ҳисобот беришади. • Етакчи оммабоп ишни эмас, балки тўғри бўлган ишни қилади. • Етакчи – бу хизмат қилувчидир. • Етакчи – бу қўй эмас, балки шердир. 35 БОБ Бошқалар яхши бўлишига ёрдам берсангиз сизга яхшилик билан жавоб қайтаришларига замин яратасиз Кўҳна бир шеър бор: “Жазирама кунда чивиндан безор, Отлар тузди режа, бўлишиб ҳамкор. Улар буни билишган юз йиллар аввал. Орқадаги битта дум елписа агар, Қулоқдаги чивинни ҳам ҳайдаса бўлар. Аммо икки отнинг думи шаксиз ва кўпроқ, Чивин ҳайдаш учун анча қулайроқ”. Шуни билингки, чалғитишдан юқори бўлиш учун қилган қарорингиз бошқаларни ҳам руҳлантириши мумкин. Қачонки сиз ўзингиз учун Худо иродасини танлашга қарор қилар экансиз, бу атрофдагиларга ҳам таъсир этади – улар янада яхшироқ бўлишади. Вильям Данфорд шундай деганди: “Энг қимматбаҳо бойлик – бу, биз бошқалар билан баҳам кўра оладиган бойликдир: баҳам кўрганимизда у янада кўпаяди. Қадрсизроқ бойлик эса баҳам кўрилганда камаяди”. Биз бошқалар билан баҳам кўриш ва улар яхши тарафга қараб ривожланишлари учун имкониятлар излашимиз керак. Қачонлардир кимдир сиз учун шу ишни қилган. Кимдир сизда алоҳида бир хусусият борлигини кўриб ёрдам бериш учун қўлини чўзган. Мана шу хайрли иш сизга ўз таъсирини кўрсатган. Бу сизнинг чўпонингиз, ота–онангиз, дўстингиз, ўқитувчингиз, мураббийингиз, қўшнингиз ёки бошқа яна кимдир. Кимдир сизга пул таклиф қилгандир, маслаҳат бергандир, ибодат қилгандир, жиҳозлар ёки бирор жойдан иш топиб бергандир. Бироқ у ким бўлишидан қатъий назар, бу одам сизга ёрдам бериш ва келажагингизни кўтариш учун тушунча ва имкониятларга эга бўлган. Мен сизни чорлайман. Мана шу ҳафтада қачонлардир сизга ёрдам қўлини чўзиб ҳаётингизга таъсир кўрсатган одамларга икки оғиз сўз ёзиш учун бир неча дақиқа вақт топинг. Шунингдек, мана буни ҳам қилинг: кимгадир тўғри йўлга тушиши учун ёрдам қўлини чўзишга бир неча дақиқа вақт ажратинг. Сизга бу ўзингиз аллақачондан буён ҳис этмаган қониқиш туйғусини ҳадя этганини англайсиз. Ҳикматлар китобида (3:27) шундай дейилади: “Яхшилик қилиш қўлингдан келса, муҳтожлардан ёрдамингни аяма”. Бугуноқ ким биландир баҳам кўринг. Шу одамга ишонинг. Ёрдамингизни ва хайрихоҳлигингизни таклиф қилинг. Унга янада юксакроқ даражага кўтарилишига кўмаклашинг. Синаб кўринг, бу сизга ёқади! Шунингдек, бу сизга фойда келтиради! 36 БОБ Одамлар асл бўлиб туғиладилар, лекин кўпчилик нусха бўлиб оламдан ўтади. Сиз нусха бўлиш учун даъват этилмагансиз. Жамоатчилик фикри, замонавий урф-одат ва оммавий кўнгилхушликларга қарам бўлган бизнинг асримизда ҳар бир инсон Яратгувчи Худонинг алоҳида буюртмасига асосан дунёга келганини англашимиз лозим. Ҳар биримиз нодир мавжудотмиз, ҳар биримиз ҳаётда махсус бир вазифага эгамиз. Сиз бошқаларнинг нусхаси эмас, балки ўз ҳолингизча бўлишингиз керак. Мен жамоатларда кўп ишлаганим боис турли хил одамлар билан учрашиб тураман. Кунлардан бирида ўзим шахсан таниш бўлмаган бир чўпон билан телефон орқали гаплашиб қолдим. Мен унинг жамоатига маслаҳатчи сифатида боришим учун келишиб олдик. Биз маҳаллий аэропортда кутиб олиш вақтини белгилаб суҳбатни якунлаётган чоғимизда у сўраб қолди: “Самолётдан тушганингиздан сўнг мен сизни қандай таниб оламан?” “Бу ҳақда ташвишланманг, чўпон, мен сизни таниб оламан, – ҳазил билан жавоб қайтардим мен. – Сиз ҳаммаларингиз бир хил кўринишга эгасизлар”. Бу воқеанинг маъноси шундай: CИЗ Худо тайин этган одам бўлинг. Худонинг бизнинг ҳаётимизга қўйган вазифасида Унинг бизга ато этадиган неъматлари бўлади. Биз қандайдир андазаларга эришиш учун интилишимиз муҳим эмас. Ўртамиёна одам ўзини бошқалар билан таққослайди, аммо биз масиҳийлар, ҳамиша Худонинг Ўзи бизни қандай бўлишга даъват этган бўлса, ўшандек шахсга таққослашимиз лозим. Юқори мезон – бу, Худонинг биз учун ноёб режаси. Худо бошқараётган бошқа одамлар билан бизнинг шахсий вазифаларимиз, вақт танлашимиз ёки ҳаётий йўналишларимиз ҳеч қандай боғлиқликка эга эмас. Сиз ва мен, бизлар доимо ўзимиздан бойроқ ёки камбағалроқ, қобилиятлироқ ёки иқтидори пастроқ одамни топишимиз мумкин. Бироқ бошқа одамлар ёки улар эга бўлган нарсалар ёинки уларнинг ҳаётларида содир бўлаётган ҳодисалар бизнинг вазифамизга таъсир кўрсата олмайди. Галатияликларга мактубда (6:4-5) бизга эслатиб ўтилади: “Ҳар ким ўз ишини текшириб кўрсин. Шунда у фақат ўзидан фахрланса бўлади, бошқалар мақтанишга ҳожат қолмайди. Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим”. Худо сизга муайян бир йўлни тайёрлаган. Сиз ўзига хос нодир инсонсиз. Сиз шундай ягона инсонсиз. Бошқаларга ҳайратланиб юраверсангиз алданасиз ва Худо сизни нимага чорлаган бўлса, ўша бир бутунликни йўқотасиз. Демак, бир қарорга келиб, Худо сизни қандай яратган бўлса, ўшандай инсон бўлинг. Худо сизга берган жўшқинлик ва қобилиятни амалда қўллашни бошланг. 37 БОБ Ўнта нотўғри андаза 1. Зўриқиб эмас, балки онгли тарзда ишлаш – бу, муваффақият учун кафолат Бу ғоя бесамар. Сиз яхши етакчилар унисини ҳам, бунисини ҳам қилаётганини кўрасиз. Улар ҳам тер тўкиб ишлашади, ҳам онгли тарзда ишлашади. 2. Фаолиятнинг ўзи ишнинг бажарилиши билан баробар Фаолият вазифа бажарилишини англатмайди. Тер тўкиб ишлаш бу ҳали натижа эмас. Биз ўзимиздан, аслида биз бандмизми деб эмас, балки нима билан шуғулланаяпмиз дея сўрашимиз керак. Биз натижалардан манфаатдор бўлган Худога хизмат қиламиз. 3. Ашёлар ҳақида ғамхўрлик қилинг, шунда улар сизга ғамхўрлик қилишади. Биз ашёларга нисбатан ғамхўр эмас, балки уларни бошқаришимиз керак. Агар сиз ўз ҳаётингизни бошқармасангиз, бошқа биров ҳаётингизни бошқаради. 4. Агар сиз муваффақиятга эришишни хоҳласангиз, бунинг учун тўлов қилишингизга тўғри келади. Сиз муваффақият учун тўламайсиз; муваффақиятнинг баҳоси сизнинг бошқарувингизга боғлиқ. Сиз аллақачон муваффақият йўлидасиз. Муваффақиятга эришиш учун бошқарувни рад этишингиз керак эмас. 5. Вақтингизни беҳуда ўтказманг (вақтни ўлдирманг). Гарчи бу андаза яхши ғояни ўзида акс эттирсада, мутлақо тўғри ҳам эмас. Сиз вақтингизни ўлдираётганда, аслида вақтни эмас, балки ўз ҳаётингизни ўлдираётган бўласиз. 6. Агар буюм бузилмаган бўлса, уни тузатманг. Нотўғри маслаҳат. Ҳаттоки жиҳозлар ишлаб турган тақдирда ҳам, уларни янада яхшилаб, ўзгартиришлар киритиш керак. 7. Сиз кўриб турганингиз – бу, эришган мақсадингиздир. Биз, масиҳийлар, кўраётганларимизга эмас, балки Худонинг Каломига таянишимиз лозим. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам кўринмас жиҳатларни кўришимиз керак. 8. У ўзини яратган одам. Бунақаси бўлмайди. Одам фақат Худонинг ва бошқа кишиларнинг ёрдами билангина кўтарилиши мумкин. 9. Мулоқотлар ҳеч нарсага арзимайди. Ёлғон. Суҳбатларнинг баҳоси жуда юқори. Одам нимани гапираётган бўлса, охир–оқибат шунга етишади ва шунинг баҳосини тўлайди. 10. Тажриба мукаммалликка етаклайди. Йўқ, ҳар қандай тажриба эмас. Агар сиз тўғри йўл тутаётган бўлсангиз, бу сизни мукаммалликка элтади. Нотўғри ҳаракатлар ёмон кўникмаларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Ўзингизнинг доимий ҳаракатларингиз тўғри ва ҳақли эканлигига ишонч ҳосил қилинг. 3 ҚИСМ. ЮҚОРИГА НАЗАР 38 БОБ Худонинг улуғворлигига ҳар куни назар ташланг Худо ким ўзи? Унинг шахсияти қандай? У қандай феъл–атворга эга? Муқаддас Китоб Унинг абадийлиги ҳақида айтади. У Адолатли, Меҳрибон, Муқаддас, Қудратли, ҳар жойда Ҳозир. У ҳар нарсадан юқори. У – Нур, Мукаммаллик, Барака, Нажот, Донолик ва Севгидир. У – Яратувчи, Қутқарувчи, Халоскор, Таъминловчи, Шифоловчи, Ҳимоячи ва Дўстдир. Доимо бизда Ким яшаётганлигини ёдингизда тутинг “Зотан, Эгамиз улуғ Худодир, Жамики худолар устидан улуғ Шоҳдир” (Заб. 94:3) Исонинг севимли шогирди Юҳанно бизга шундай дейди: “Сизлар эса, азиз болаларим, Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Ахир, ичингиздаги Руҳ дунёдаги шайтондан устундир” (1-Юҳ.4:4). Нуқта. Ундов белгиси. Саволга ҳожат йўқ. Худо ва шайтоннинг кучлари тенг эмас, мутлақо аксинча. Мен тез-тез самолётда учаман, парвоз устунликларидан бири шуки, ҳар сафар Худо яратган манзаранинг шуъласини кўришим мумкин. Менга ўз муаммоларимга ўттиз етти минг фут баландликдан қараш ёқади. Ҳеч бир муаммо Худо ҳал қилолмайдиган даражада улкан эмас, ҳеч бир инсон ҳам Худо эътибор бермайдиган даражада кичкина эмас. Худо ҳамиша ҳар нарсага қодир. Агар сиз мўъжизага эҳтиёж сезмасангиз, у ҳолда Худога эҳтиёж сезмайсиз. Дўстим Дэйв Бордон бу ҳақда ҳаммадан яхшироқ қилиб шундай деганди: “Мен вазиятни тушунмайман, аммо Худонинг феъл–атворини тушунаман”. Худо Шоҳлигида қўшиш билан эмас, балки кўпайтирув билан иш юритилади. Худо бизнинг Ундаги ҳаётимизни уруғ сепиш ва ҳосил йиғиш билан таққослайди. Бунинг нақадар ажойиблигини тушунаяпсизми? Оддийгина бир мисол келтиришга ижозат этинг: бир дона маккажўхори донасидан иккита пўпак билан ҳар бирида икки юздан ортиқ бўлган жўхори донлари ўсиб чиқади. Бу тўрт юзта донлардан тўрт юзта поялар бўй кўтариб, бир юз олтмиш минг дон ўсиб чиқади. Ўтган мавсумда экилган бир донагина уруғдан шунча ҳосил олинади. Бизнинг ибодатимиз пайғамбар Еремиё китобидаги каби ушбу сўзлардан иборат бўлиши керак ( 32:17): ““Ё Эгам Раббий! Сен Ўз қудратинг ва ажойиботларинг билан еру осмонни яратдинг. Сенинг қўлингдан келмайдиган нарса йўқ”. Худо _______________ дан буюкроқ. Ўзингиз учун тўлдиринг. 39 БОБ Ғоялар кетади, тақдир эса қолаверади Сизнинг хаёлингизга келган фикрни Худонинг белгилаб берганларидан қандай фарқлаш мумкин? Аниқликда муқаррарлик мавжуд. Ҳикматлар китобида (19:21) шундай дейилади: “Инсоннинг юрагида ният кўп, лекин фақат Эгамизнинг айтгани амалга ошади”. Забурда (31:8) Худо шундай ваъда беради: “Эгамиз айтар: “Сизларга Мен йўл кўрсатаман, юрадиган йўлларингизни ўргатаман, маслаҳат бераман, сизларни кузатаман”. Биз нимага интилаётган бўлсак, бунинг тўғрилигини, Худо биз томонда эканлигини ва нимани исташини билганимизда тўлиқ ишонч ҳиссига эга бўламиз. Тақдир – бу худди саёзликдан оқаётган дарё оқимига ўхшайди. Янада кўпроқ куч талаб қиладиган тақдир эса ўта муҳимидир, негаки унда Худо мавжуд. Тақдир – мавжудликка доир масала, ғоялар – фикрлар маҳсулидир. Худо берган тақдирнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундан иборатки, унга Худосиз ёлғиз ёндашиш мумкин эмас. Тақдир – илоҳий безовталик манбаидир. Биз ҳамиша илоҳий ҳаяжоннинг аниқлигини ўзимизда синаб кўришимиз, Худо ҳар куни бизни Ўзи бошқаришини ҳис қилишимиз лозим. Биз қалбларимизда Худо учун қилган ишларимиздан барибир қониқмаслик туйғусини ва Унинг учун янада кўпроғини қилиш истагини ҳис қилишимиз керак. Бизда, имонлиларда, одамлар балиқ овига тўпланганларни эмас, балки Хушхабар тарқатувчиларни кўришлари лозим. Р.У.Шамбах бунга шундай аниқлик киритганди: “Сен шунчаки туриб юриб кетмагансан, балки Худо даъват этгани учун юборилгансан”. Биз муаммоларга эмас, мақсадларга эга бўлган инсонлармиз. Худо ҳамиша бизни нимагадир ёки нимадандир чақиради. Ҳаворий Павлус Колосаликларга мактубида (1:12-13) шундай ёзади: “Худо Ўзининг азиз халқига ваъда қилган нурдан баҳраманд бўлишни сизларга лойиқ кўргани учун қувонч билан осмондаги Отамизга шукрона айтинг. У бизни зулмат ҳукмронлигидан қутқариб, севикли Ўғлининг Шоҳлигига қабул қилди”. Худо сизни чиқиб кетишга чорлаётган, шунингдек, У киришингизга ундаётган жабҳаларни излаётганингизга ўзингиз ишонч ҳосил қилинг. Худонинг ҳозирги ҳаётимиздаги ва бутун ҳаётимиз учун хоҳиш-иродаси ўртасида катта фарқ мавжуд. Худо бутун ҳаётимиз учун Ўз иродасини белгилаган, булар нажот, куч, саломатлик, тинчлик, қувонч ва шу кабилардир. Бироқ ҳозирги ҳаётимиздаги Худонинг иродаси ҳар биримиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Бир одам ўзининг бутун ҳаётини биргина жойда ўтказса, бошқа бир эса одам ўн йил ичида олтита жойга кўчиб ўтади. Ҳеч қачон Худо бошқарувининг ёруғлигидан қўрқманг. Морис Фрихилл шундай деганди: “Ким кўпроқ ақлсиз: қоронғуликдан қўрқадиган гўдакми ёки ёруғликдан қўрқадиган катта одамми?” Доимо ёдингизда тутинг: Худо сизни қаёққа йўлламасин, Унинг Ўзи сизни таъминлайди. Худо сизни нимага даъват этаётганини Ўзи кўрсатади, Ўзи бу ишни бажаришингиз учун уни енгиллаштиради. Ўз йўналишингизни белгилаб олинг ва ҳаётингизда Худонинг иродасини қўллашни бошланг. 40 БОБ Олдинга юриш учун орқага чекининг Баъзида биз қилишимиз мумкин бўлган энг муҳим ва шошилинч ҳолат – бу, тинч ва қулай жойга чекинишдир. Бу мен ҳаётга тадбиқ этадиган энг сермаҳсул ғоялардан биридир. Ҳозир мен бу китобни қир тепасидаги кичкина бир кулбада, яқин шаҳардан ҳам кўп миллар узоқликдаги ажойиб бир кўл қирғоғида ёзаяпман. Биз вақтинчалик узлатга чекинмоқчи бўлганимизда, олдинга қандай ҳаракатлатланишимиз кераклигини янада аниқроқ кўрамиз ва эшитамиз. Исо Ўзининг ердаги ҳаётлиги вақтида кўп бора шундай қилганди, айниқса, муҳим қарорларни қабул қилиш олдидан ва қарор қилганидан сўнг. Муқаддас Китоб шундай дейди: “Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади” (Иш. 30:15). Ҳордиқ ва ҳаловат жойига чекиниш руҳиятни кўтаради ва янгилайди. Сукунат – бу буюк ғоялар туғиладиган муҳитдир. Шундай вақтлар бўладики, ўз эътиборингизни бутунлай Худога қаратишингиз учун одамлардан узоқлашишингизга тўғри келади. Мен шундай ҳисоблайманки, ҳар бир одам ўзининг одатдаги масканидан ташқарида бирор бошпанага эга бўлиши керак, бу ерда у Худо билан ёлғиз қолиб, “олға бориш учун чекиниши” ва “ўзини жамлаши” мумкин. Олий мақсадлар учун ўзимизни бир нуқтада кўпроқ жамлаш ниҳоятда муҳим. Ишаё китобида (40:31) биз шуни ўқиймиз: “Худодан умид қилганлар эса янгидан куч олади, бургут сингари қанот қоқади. Улар югуриб, чарчамайди, юриб ҳам ҳеч толиқмайди”. Худога боғлиқ бўлишни ўрганинг. Ўзингиз билан мунтазам учрашиш ҳақида келишиб олинг; бу сизнинг ҳафта ёки ой ичидаги энг муҳим учрашувларингиздан бири бўлади. Олдинга интилиш учун чекиниш ҳақида қарор қилинг. Гувоҳи бўласизки, ҳаракатларингиз Худо билан биргаликда янада аниқроқ ва самаралироқ бўлади. 41 БОБ Худо нималар қилмаслигини, шунингдек, У нималар қила олишини билмоқ муҳим 1. Худо алдамайди. 2. Худо ўзгармайди. 3. Худо биз кечирим сўраганимиздан сўнг, У гуноҳларимизни эсламайди. 4. Худо тартибсизлик содир этмайди. 5. Худо биздан юз ўгирмайди. 6. Худо Ўз ваъдасидан воз кечмайди. 7. Худо Ўз неъматларини қайтариб олмайди. 8. Худога имон-эътиқодсиз маъқул келиш мумкин эмас. 9. Худони мағлуб этиб бўлмайди. 10. Худо бизнинг муаммоларимизга эътибор бермайдиган даражада олисда эмас. 11. Худо бизнинг муаммоларимизни ҳал қилолмайдиган даражада ожиз эмас. 12. Худо тарафкаш эмас. 13. Худо Ўз аҳдини бузмайди. 14. Худо Ўз даъватини қайтариб олмайди. 15. Худо адолатсиз бўлиши мумкин эмас. 16. Худо Ўз Каломига зид иш қилмайди. 17. Худо ёлғонни марҳаматлаши мумкин эмас. 18. Худо гуноҳни севиши мумкин эмас. 19. Худо иккиюзламачи одамга нимадир бериши мумкин эмас. 20. Худо ҳал қилинмайдиган вазиятларга аралашмайди. 21. Худо Ўз халқи томонидан улуғланишини инкор этмайди. 22. Худо бизнинг қийинчилигимиз бўлиши мумкин эмас. 23. Худони ердаги шоҳликлар заиф қила олмайди. 24. Худо кечикмайди. 25. Худо бефарқ қарамайди. 26. Худо заиф бўлиши мумкин эмас. 27. Худо шубҳа-гумонни марҳаматламайди. 28. Худо ишонч билан сўраганга донолик бермаслиги мумкин эмас. 29. Худо бизга қарши эмас. 30. Худони ҳеч нарса чеклай олмайди. 42 БОБ Беҳуда гапларга ва вақтни йўқотишга эмас, балки Худо билан бўлиш ва қарорлар қабул қилишга тайёр бўлинг Худонинг иродаси билан ҳаракатланиш велосипедда ҳаракатланишга ўхшайди: сиз педални айлантирмай қўйсангиз, йиқилиб тушасиз. Агар биз Худонинг хоҳишини ва унинг амал қилиш вақтини билсак, дарҳол бўйсунишимиз ва кечикмасдан ҳаракат қилишимиз керак. Худо ниманидир қилишни бизга буюрганида имиллаш ва иккиланиш гуноҳдир. Биз қанчалик имилласак, Худонинг кўрсатмалари шунчалик ноаниқ тус олади. Биз боши берк йўлда эмас, балки айнан Худонинг йўлида турганимизга ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Бизнинг Худомиз вақтни ва йўналишни ҳисобга оладиган тезкорлик Худосидир. Улардан фақат биттасини эътиборга олиб ҳаракатланиш ақлга тўғри келмайди. Биринчи дуч келган имкониятга сакраб бошни ёриш жуда кам ҳолларда муваффақиятли ҳисобланади. Ҳикматлар Китоби (25:8) муаллифи шундай маслаҳат беради: “Шошилиб арз қилма, охирида қўшниларнинг олдида уялиб қолсанг нима бўлади?” Машҳур бир мақолда одамлар уч гуруҳга бўлиниши айтилади: 1) Бўлаётган ҳодисаларни бошқараётганлар. 2) Бўлаётган ҳодисаларни кузатаётганлар 3) Бўлаётган ҳодисалардан ҳайрон бўлаётганлар Агар сиз тўғри йўлдан бораётган бўлсангиз-у, аммо вақтни нотўғри белгиласангиз, бу муваффақиятсиз қарор бўлади. Кўпчилик одамлар тайёр бўлмаганликлари сабабли Худо уларга бераётган энг яхши нарсалардан бебаҳра қолишади. Муқаддас Китоб биз доимо тайёр бўлишимиз кераклиги ҳақида айтади. Ҳаворий Павлус бизни шундай деб ундайди: “Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми?” демай, уни астойдил эълон қил.” (2-Тим.4:2). Худо учун тўғри вақт ниҳоятда муҳим. Воиз китобида (3:1) биз шуни ўқиймиз: “Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор”. Сиз ва мен Худонинг иродаси бўйича нимагаки жалб қилинган эканмиз, ҳаммасининг ўз мавсуми бор: баҳор (экин ва уларга ишлов бериш вақти), ёз (доимий ўсиш вақти), куз (ҳосил вақти) ва қиш (қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш вақти). Хотиржам бўлинг ва нафасингизни ростлаб олинг. Худо белгилаган вақтни ва йўналишни қабул қилинг, тушунинг ва англаб етинг. 43 БОБ Муқаддас Китоб маслаҳатлар эмас, амрлар китобидир Муқаддас Китоб бизга қуйидаги амрларни тавсия этмайди, балки талаб этади: 1. Ўз биродарларимиз билан ишончли муносабатда бўлишни ”... Биринчи навбатда бориб, биродарингиз билан ярашинг...” (Мат. 5:24). 2. Тинчликда яшашни “Масиҳ ато қиладиган тинчлик юракларингизда ҳукмрон бўлсин, ахир сизлар бир тананинг аъзосисизлар, тинчликка даъват қилингансизлар. Миннатдор бўлинглар” (Кол. 3:15). 3. Ўч олмасликни “Ҳеч бирингиз ёмонликка ёмонлик қайтарманг, балки ҳар доим бир–бирингизга ва ҳаммага яхшилик қилишга интилинг” (1-Сал. 5:15); 4. Бошқалар учун ибрат бўлишни “...сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин” (1-Тим. 4:12); 5. Худо ишларида ҳамиша улгуришни, мустаҳкам, енгилмас бўлишни “Шунинг учун, эй, азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар-ку!” (1-Кор.15:58); 6. Ўз тафаккуримизни янгилашни “Бу дунёга мослашманглар, фикр-зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз” (Рим.12:2) 7. Нопокликдан айрилишни “Масиҳ билан шайтон орасида қандай иттифоқлик бўлиши мумкин?! Имонли билан имонсизнинг орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?!” (2-Кор. 6:15); 8. Нимага эга бўлсак, шунга рози бўлишни “Пулга кўнгил боғламанглар. Бори билан қаноатланинглар...” (Ибр.13:5); 9. Руҳга тўлишни “Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб-тошинглар.” (Эфес. 5:18); 10. Ўзига бошқа одам бирор нима қилишидан қўрқмасликни “Сизларга шуни айтай, дўстларим, танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар” (Луқо.12:4); 11. Дунёвий одамларга ўхшамасликни “Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз”” (Рим.12:2); 12. Зиқналик ва ҳасаддан қочишни “Пулга кўнгил боғламанглар. Бори билан қаноатланинглар...” (Ибр.13:5); 13. Ҳамма нарсада сабр-бардошли бўлишни “Эй биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз: бебошларни огоҳлантиринг, журъатсизларга далда беринг, заифларга ёрдам кўрсатинг, ҳаммага сабр–тоқатли бўлинг” (1 Сал. 5:14); 14. Бошланган ишни давом эттириш ва ўйиндан чиқмасликни “Сизлар эса, биродарлар, ҳеч қачон яхшилик қилишдан чарчаманглар.” (2 Сал. 3:13); 15. Меҳнаткаш бўлишни “Эринчоқ бўлманглар. Аксинча, имони ва сабр-тоқати туфайли Худонинг ваъдаларидан баҳраманд бўлган биродарлардан ўрнак олинглар” (Ибр.6:12); 16. Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлишни “Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй пўстинида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир” (Мат. 7:15); 17. Беҳуда сўзлардан қочишни “Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплару ҳақиқатга зид бўлган таълимотлардан қочгин. Баъзи одамлар адашиб, буларни “билим”, деб атайдилар.” (1-Тим. 6:20); 18. Руҳни туширмасликни “Муқаддас Руҳнинг ўтини сўндирманг” (1-Сал. 5:19); 19. Шаҳвоний ҳирсдан ўзини тийишни “...сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Ахир, сизлар бу дунёда ғарибу мусофирсизлар.” (1Бут. 2:11); 20. Болаларимизни Худонинг таълим-тарбияси билан ўстиришни (Эфес. 6:4); 21. Барча меҳнатларимизни Худога бағишлашни (1Бут. 5:7); 22. Нолиш ва гумонлардан қочишни (Флп. 2:14); 23. Ҳаммаси учун миннатдорчилик билдиришни ( 1 Сал. 5:18); 24. Шайтонга ўрин бермасликни (Эфес.4:27); 25. Муқаддас Руҳни изтиробга туширмасликни (Эфес. 4:30); 26. Ота-оналарни иззатламоқни (Эфес.6:2; Мат. 19;19); 27. Худога итоат этишни (Ёқуб.4:7 ); 28. Одамларга хайрли ишларимизни кўришларига имкон беришни (Мат 5:18); 29. Шайтонга қарши туришни (Ёқуб. 4:7); 30. Худонинг барча қуроллари билан яроғланишни (Эфес. 6:11); 31. Ўзини бўйсунтиришни (Ёқуб.4:10); 32. Руҳ билан юришни (Гал.5:25); 33. Беҳуда мақтовларга чек қўйишни (2Кор.10:5); 34. Худога журъат билан келишни (Ибр. 4:16); 35. Осмон Шоҳлигини ва унинг ҳақиқатларини излашни (Мат.6:33); 36. Жамоат йиғинларини қолдирмасликни (Ибр. 10.25); 37. Исога қарашни (Ибр. 12:12); 38. Якдил бўлишни (Мат.18:19); 39. Бошқалар учун ғов бўлмасликни (Рим.14:13); 40. Бизни таъқиб қилганларни марҳаматлашни (Мат.5:44); 41. Вақтни қадрлашни (Эфес.5:16); 42. Шарманда бўлмасликни (Рим.10:11); 43. Худога қатъий умид боғлашни (Ибр. 10:35); 44. Худога одоб-аҳлоқ ила сажда қилишни (1Кор.14:40); 45. Ҳар бир ишни Худони улуғлаш учун бажаришни (1Кор.10:31) 44 БОБ Худонинг даъватини тингланг Сизга ҳаттоки қулай вазият тўғри келган тақдирда ҳам, бу ҳали Худо уни қабул қилишни хоҳлашини англатмайди. Одатда вазият шундай кўриниш оладики, гўё ҳаммаси яхшидек, аммо нотўғридек туюлади. Бундай ҳолларда албатта Худони эшитиш керак. Шу боис, мен аслида Худонинг раҳнамолигини кўриб бўлмайди, балки эшитиш мумкин дейман. Биз, масиҳийлар, кўраётган нарсаларимизга нисбатан кўрмаётганларимизга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Қандай йўналишда боришни ҳал этмоқ учун керак бўлган асосий хусусият – ўзимиз эшитаётган руҳий овозни, яъни бу Худонинг овозими, ўзимизнинг овозми ёки шайтоннинг овозими, ана шуни фарқлай билишдир. Биз ҳаётимиздаги барча мавҳум ва чалкаш қатламларни қатъий ҳал этмоғимиз лозим. Бу аниқ кўриш ва фикрлаш учун калит ҳисобланади. Бундай мавҳумлик, айниқса, руҳий мавҳумлик ҳаракат чоғида ниҳоятда хавфли. Биз, имонлилар, ўз қарорларимизни ташқаридан кўрганларимиз асосида эмас, балки ичкаридан эшитганларимиз асосида белгилашимиз лозим. Ниманидир қила олиш қобилияти ва Худонинг даъвати ҳамда бу борадаги ҳаракатларни жонлантириш ўртасида жуда катта фарқ мавжуд. Дейлик, кимдадир куйлаш қобилияти бор, аммо Худо уни бу иқтидори боис ҳаётда хонанда бўлишига даъват этган, дегани эмас. Қобилият – бу вазифа эмас. Мен, Худо қобилиятларимиздан фойдаланишимизни раво кўрмайди, деган қарашлардан йироқман. Бироқ қобилиятларимиз бизнинг танловимиз учун ягона ўлчов бўлиши керак эмас. Биз ўз белгиланган манзилимизга етишимиз учун, Худо бизни нафақат йўл харитаси билан, балки йўл белгилари, йўналиш кўрсатгичлари, транспорт воситалари, ёқилғи ва вақт билан ҳам таъминлаган. Биз кўринмас қатламда ётганларга нисбатан сезгир бўлишимиз даркор. Кўпчилик одамлар нефт заҳиралари ва олтин конларига бой ҳудудлар яқинидан ўтиб, оёқлари тагида нима ётганлигини англашмайди. Уларнинг назари чекланган. Улар фақат ерни кўришади, хазинани эмас. Сиз вужудий кўз билан нимани кўра олсангиз, шундан ҳам юқорироққа қаранг. Руҳий қулоқларингиз билан эшитинг. Худо кўрсатаётган ҳаётингиз йўналишини илғаб олиш учун ички сезгиларингизни баландроқ кўтаринг. 45 БОБ Худонинг неъматларини эмас, балки Унинг ҳузурини излаш муҳимдир Муқаддас Китоб Худонинг ҳузурини излаш учун тўртта марҳаматни айтиб ўтади. Биринчи марҳамат – қувонч. Забур Китобида (15:11) саночи Худога шундай дейди: “Менга ҳаёт сўқмоғини Ўзинг кўрсатасан, ҳузурингда шодлик мени қамраб олади, менга боқий ҳузур–ҳаловатни Сен берасан”. Иккинчи марҳамат – Худонинг ҳузурини излаш ёруғлик келтиради. Забур Китобида (88:16) биз шуни ўқиймиз: “Бахтлидир севинч ҳайқириқларини билган халқ, эй Эгам, ҳузуринг нурида юрган халқ бахтлидир”. Худо қаерда бўлмасин, ўша жойда ҳамиша ёрқин нур бор. Агар сизнинг ҳаётингизда қоронғи жой бўлса, ўша ерга Худони чорланг. Агар иш жойингизда муаммо бўлса, Худони чорланг. Мабодо оилангизда қийинчиликлар бўлса, Худога эшикни очинг. Худонинг ҳузури ёрқин нур олиб киради ва қоронғуликни кетишга мажбур қилади. Бу ёруғлик сизнинг йўлингизни ёритади. Худо ҳузурини излашдаги учинчи марҳамат – Худонинг ҳимоясидир. Забур китоби (30:21) шундай дейди: “Ҳузурингда уларни ҳимоя қиласан, инсон фитналаридан омон сақлайсан. Уларни Ўз чодиринг остида иғволардан сақлаб турасан”. Худога Унинг илоҳий ҳимояси ва бошпанаси учун миннатдорчилик билдиринг. Ҳар қандай одам хавфсиз бошпанага муҳтож. Худонинг ҳузури бизга қарши йўналтирилган беҳуда сўзлардан ҳимояни таъминлайди. Агар сизда одамлар билан мулоқот қилишда муаммолар бўлса, бу вазиятда Худони чорланг. Мабодо сиз душманлик муҳитида фаолият юритаётган бўлсангиз ва бу ҳолат сизни айнитаётган бўлса, Худога бу вазиятга аралашишига имкон беринг. У сиз учун бошпана, қувғиндаги уйингиз бўлади. Худо ҳузурини излашнинг тўртинчи марҳамати Юҳаннонинг биринчи мактубида (3:19-20) эслатиб ўтилган: “Шунда биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз. ...Худонинг ҳузурида ўзимизни тинчлантира оламиз.” Худонинг ҳузурида ажойиб бир дунёни ва ҳайратомуз ҳаловатни топасиз. У биз билан бўлганида безовталик, асабийлик, ваҳима, саросима – бари йўқолиб кетади. Сиз қаерда бўлсангиз ҳам, Худонинг ҳузурини изланг. У ҳар қандай ҳаётий ҳолатда, ҳар бир дақиқа сиз билан бўлади. Сиз Унинг ҳузурида буюк қувонч ва ёруғликни, илоҳий ҳимояни, тинчлик ва ҳаловатни топасиз. 46 БОБ Донолик ҳукмронлик қилганида, у сероб бўлиб қуйилади Биз донолик ўзимизга берилишини кутишимиз лозим. Ёқубнинг мактубида (1:5) шундай дейилган: “Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо саховат билан, беминнат беради”. Сиз Худонинг овозини эшитганингизда, Унинг донолигини эшитган бўласиз. Худога Унинг қудратли донолиги учун миннатдорчилик билдиринг. У энг қийин тўсиқлар оша сизга йўл ҳозирлайди. Доно бўлиш – бу ҳаётдаги илоҳий истиқболларга қараш, Худодан келадиган билимларни қачон ва қаерда ишлатиш кераклигини тушуниш демакдир. Қўҳна бир маталда тўғри айтилган: “Ким ҳеч нимани билмаса, ҳеч нарсадан шубҳаланмайди”. Бироқ шунингдек, билимдон инсон мустаҳкам имон-эътиқодга эгадир. Бир ўйлаб кўринг-а: биз, инсонларда Борлиқни Яратувчининг донолигидан фойдаланиш ҳуқуқи бор. Аммо камчилик одамларгина Унинг донолик булоғидан сипқориб ичишади; кўпчилик фақатгина оғзини чайқайди. Кўпчилик доноликнинг кундалик нонисиз яшашга интилади, лекин бесамара ҳаракатлари билан ўлиб кетишади. Дунё доноликка эришиш учун миллиардлаб доллар сарфламайди. Дунё доноликни излаб топишга миллиардларни сарфлайди. Аммо кимки илоҳий манбани изласа, донолик унинг учун ҳамиша очиқ. Мана, Худонинг донолиги йўлидаги ўнта қадам: 1. Худодан қўрқинг (Заб.110:10); 2. Худони рози қилинг (Воиз 2:26); 3. Худони тингланг (Ҳик.2:6); 4. Худога қаранг (Ҳик.3:13); 5. Худо йўлига амал қилинг (Ҳик.8:10-11); 6. Худо олдида итоат этинг (Ҳик.11:12); 7. Худо маслаҳатини қабул қилинг (Ҳик.13:10); 8. Худонинг ошкор этишини қабул қилинг (Ҳик..29:15); 9. Худога ибодат қилинг (Эф.1:17); 10. Худонинг Ўғлини таниб-билинг (1Кор. 1:30) 47 БОБ Тиззалаб турганимизда, биз янада баландроқ кўтариламиз Ҳар қандай ҳолатда сиз қилишингиз мумкин бўлган энг самарали ҳаракат – бу тиззада туриб, Худодан ёрдам сўрашдир. Эҳтимол, сизни ташвишлантираётган ҳамма нарса учун ибодат қилиш керакдир. Ибодат Худонинг ғоялар хазинаси сақланаётган сандиқни очиб беради. Мен сизга ўзимнинг энг яхши кўрган ибодатларимдан бирини айтиб бераман. У биргина сўздан иборатдир: “Ёрдам бер”. “Ёрдам бер, ёрдам бер, ёрдам бер!”. Биз ибодат қилганимизда бир вақтнинг ўзида Худонинг ибодатимизга жавобини ҳам қабул қилишни исташимиз лозим. Ибодатнинг тўртта даражаси мавжуд: • биринчи даража – илтимос: “Ота, мен ....... муҳтожман”; • иккинчи даража – ҳимоя: “Парвардигор, ...... ёрдам бер”; • учинчи даража – ҳамду-сано ва шукроналик: “Сендан миннатдорман, Худойим!”; • тўртинчи даража – суҳбат: “Хайрли тонг, Ота”. Ҳаворий Павлус Филиппиликларга мактубда (4:6-7) бизга шундай маслаҳат беради: “Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар. Аксинча, ҳар қандай шароитда ибодат ва илтижода бўлиб, ҳар бир муҳтожлигингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. Шунда Худо берадиган, инсон хаёлига сиғмайдиган тинчлик Исо Масиҳ орқали сизларнинг юракларингизни ва ўй–хаёлларингизни қўриқлайди”. Колосаликларга мактубда (4:2) у: “Доим ибодат қилинг. Ибодатда ҳушёр бўлиб, шукроналар келтиринг” деб айтади. Мана, ибодатнинг ўн иккита афзалликлари: 1) ибодат шайтонни мағлуб этади (Мат.1.8:18); 2) ибодат имонсизни қутқаради (Ҳав.2:21); 3) ибодат имонлига йўл-йўриқ кўрсатади (Яҳудо 20); 4) ибодат ўрувчиларни йиғим-теримга юборади (Мат.9:38); 5) ибодат беморни тузатади (Ёқуб 5:13,15); 6) ибодат имконсиз нарсани бажаради (Мат.21.:22); 7) ибодат жисмий оламни ўзгартиради (Ёқуб 5:17,18); 8) ибодат жавоб тариқасида Самовий Отамиздан фаровонлик олади (Мат.7:7-11) 9) ибодат донолик бахш этади (Ёқуб. 1:5); 10) ибодат тинчлик олиб келади (Флп. 4:5-7); 11) ибодат васвасага қарши туради (Мат.26:41); 12) ибодат Худонинг жавобисиз қолиб кетмайди (Луқо 11:9-10). 48 БОБ Эшитиш мусиқа янграётганини, тинглаш эса қандай қўшиқ куйланаётганини аниқлайди Одамларда ҳаммасидан кўра эшитиш қобилияти ёмон ривожланган. Эшитишнинг иккита мутлақо турлича хусусиятлари мавжуд: бошқа одамлар билан мулоқотда жисмоний эшитиш ва Худонинг овозини руҳан эшитиш. Шундай гап бор: “Одам иккита қулоғи ва биттагина тили билан туғилади, бу эса у гапирганидан кўра икки баробар кўпроқ эшитиши лозимлигини англатади”. Етакчилар мулоқот чоғида ҳамиша “эшитишни монополизация” қилишади. Бошқа одам ҳақида билиб олганларимиз унга ўзимиз ҳақимизда айтиб берганларимиздан кўра кўпроқ фойда келтиради. Биз фаол тарзда эшитишимиз ва кузатишимиз зарур. Биз тинглашдан кўра эшитишга кўпроқ куч сарфлашимиз лозим. Ҳикматлар китобида (8:34-35) руҳий тинглаш ҳақида донолик шундай дейди: “Ҳар кун остонамда кутиб, эшигимни пойлаб, сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир. Чунки Мени топган ҳаёт топади, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.”. Тинглашни билиш орқали кўпроқ донолик ва эзгуликни эгаллаш мумкин: “Ҳаётбахш насиҳатга қулоқ солган доноларнинг орасида бўлади” (Ҳик.15:31). Тинглашни билиш бизга “шогирдлик руҳи”ни эгаллашимизга имкон беради, у бизнинг ўрганишга бўлган қобилиятимизни янада кенгайтиради. “Ҳаёт сабоғи”ни бизга берувчи одамлар биз учун улуғ марҳамат бўлишлари мумкин. Муқаддас Китоб бизни кўп эшитишга ва камгап бўлишга ўргатади (Ёқуб.1:19). Биз айниқса Худони тинглаётганимизда ҳеч қачон сусткашлик қилмаслигимиз керак. Мабодо биз тинглашга қарши чиқсак, ҳаётимиз айниши мумкин. Бағритошлик ортади. Луқо Хушхабарида (16:31) Исо муайян бир гуруҳдаги одамлар ҳақида гапиради: “Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар”. Биз Худо овозини тинглашга қанчалик кўп қаршилик қилсак, шу даражада бизнинг эшитиш қобилиятимиз тор доирага тушиб қолади. Луқо Хушхабарида (8:15) ўзимиз кўрганимиздек, руҳий тинглаш ажойиб натижалар беради. Бу ўриндаги сўзлар уруғ сепувчилар ҳақидаги оятга боғлиқ: “Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар.” Ҳосил нафақат сабр–тоқат ва яхши ерга сепилган уруғлар билан, балки Худо Каломини эшитадиган ва уни асрайдиган одамлар билан боғлиқдир. Ўзингизнинг жисмоний ва руҳий қулоқларингизни эшитиш ва англаш учун ҳозирланг. 49 БОБ Худо тўсиқ эмас; Худо сизнинг тарафингизда Яқинда мен мексика ошхонасида тушлик қилдим. Навбатда турар эканман, олдинги қаторда кўринишидан уй–жойсиз бечораҳол қари аёлга кўзим тушди. Ўзига навбат келганида, аёл оддий сув ва бир дона такога буюртма берди. Унинг ёнгинасида ўтирганим учун кузатмаслик ва аёлга нисбатан ачиниш туйғусини ҳис этмаслигимнинг иложи йўқ эди. Сал кейинроқ овқатлана бошлаб, унга ўгирилиб тушлиги учун яна бирор нима сотиб олиб беришим мумкин–мумкинмаслигини сўрадим. Аёл менга жаҳл билан қараганча сўради: “Сиз кимсиз?” “Шунчаки сизга ёрдам бермоқчи бўлган бир одам”, - дедим мен. Аёл жавоб қайтармади. Мен у билан деярли бир вақтда овқатланиб бўлдим, биз иккаламиз ҳам кетиш учун ўрнимиздан қўзғалдик. Менда унга бироз пул бериш истаги уйғонди. Автобекатда аёлга етиб олиб пул таклиф қилдим. Унинг ягона жавоби шу бўлди: “Мени ўз ҳолимга қўйинг”. Шу сўзларни айтиб, аёл тез кетиб қолди. Худо, жуда кўпчилик одамлар Унга ҳам мана шундай жавоб қайтаришларини менга кўрсатди. У қачон бизни Ўзига чорлаганида ва марҳаматламоқчи бўлганида биз ўзимизни гўё Уни билмайдигандек тутамиз. Унинг марҳаматлаш ҳақидаги таклифига биз савол билан жавоб берамиз: “Сен Кимсан? Мендан нимани истайсан?” Меҳрибон Худо бизни марҳаматлаш учун ҳаракатларини тўхтатмайди. Аммо биз бунга шундай муносабат билдирамиз: “мени ўз ҳолимга қўй”. Худди ўша аёл каби биз Худо марҳаматининг иноятини рад этиб, тобора узоқлашамиз. Муаммоларнинг йўқлиги эмас, балки бу муаммоларда Худонинг иштироки бизга тинчлик ва ҳаловат келтиради. Матто Хушхабарида (28:20) Исо Ўз шогирдларига барча одамлар учун Хушхабарни тарқатишларини топшириқ қилиб беради: “Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Ҳаворий Павлус Римликларга Мактубида (8:38-39) шундай деб ёзади: “Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам, баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган ҳеч бир мавжудот бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр–муҳаббатидан жудо қилишга қодир эмас”. 31 оятда у эълон қилади: “Энди бунга нима деймиз? Худо биз томон бўлса, ким бизга қарши чиқар экан?!” Ушбу оятни бошқача қилиб айтганда шундай дейишимиз мумкин: “Худо биз тарафда бўлса, ким бизга қаршилик қилишининг нима фарқи бор?” Забур китобида биз шуни ўқиймиз: “Эгамиз Ўзига ёлворганларнинг ёнидадир, чин дилдан ёлворганларнинг ёнидадир” (Заб.144:18). Ҳаворий Ёқуб бизга шундай маслаҳат беради: “Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади” (Ёқуб. 4:8). Павлус Ҳаворийлар фаолияти китобида шундай дейди: “Зотан, “биз Унда яшаймиз, Унда ҳаракат қиламиз ва Унда мавжудмиз” (Ҳав.17:28). Шубҳасиз ва тўлиқ ишонч билан Унинг абадий келиб турадиган садоқатига таянишимиз мумкинлиги учун Худога миннатдорчилик билдиринг. 50 БОБ Муваффақият алифбосини ўрганинг А Аҳиллик П Парвариш Б Барака Р Равнақ В Вафодорлик С Севги Г Гўзаллик Т Тоқат Д Донолик У Умид Е Етуклик Ф Фидокорлик Ё Ёрдам Х Хушхабар Ж Жавобгарлик Ч Чидамлилик З Зийраклик Ш Шафқат И Имон Э Эзгулик Й Йўналиш Ю Юпанч К Комиллик Я Якдиллик Л Лафз Ў Ўрганиш М Мақсад Қ Қатъият Н Намуна Ғ Ғайрат О Одоб Ҳ Ҳақиқат 51 БОБ Инсоннинг ўзлиги якшанба кунлари қиладиганлари билан эмас, балки у душанбадан токи шанбагача қандай бўлганлиги билан белгиланади Биз руҳий дунёдан узилмаган тарзда яшашимиз лозим. Сиз якшанбада ҳис қиладиган ўша яқинлик, куч, қувонч ва бошқарувни Худо ҳафтанинг бошқа кунларида ҳам беришга тайёр. Шайтон сизга ҳужум қилиш учун қачон жамоатдан чиқишингизни пойлаб туради. У сизнинг онгингизга қўрқув, шубҳа, хиёнат ва бузғунчилик олиб киришни хоҳлайди. Шу боис биз, имонлилар, ўз онгимиз ва қалбимизни қўриқлашимиз керак. Биз руҳий мавжудотлармиз, биз кўрганларимиз билан эмас, балки имон билан юрамиз (2-Кор. 5:7). Жисмий танада бўлганимиз ҳолда, бизга руҳият билан яшаш амр этилган. Кўзлари, қулоқлари ва онги бу дунёнинг чалкашликларига қаратилган одамга Худонинг нималар деяётганини эшитиш қийин. Худо сизга иш вақтида, тушлик чоғида, ўйин пайтида доимо ва ҳар жойда, сиз қаерда бўлсангиз ҳам гапиришни истайди. Худонинг айрим буюк ҳикматларини мен ибодат хонасида эмас, балки “худди очиқ осмондаги момақалдироқ” каби одатдаги кунлар жараёнида қабул қилганман. Бизнинг ички ўзлигимиз доимо Худо овозини тинглашни истайди, аммо бунга жисмоний вужудимиз қаршилик қилади. Бу Исо ўз шогирдларига айтганларининг айнан ўзгинасидир: “Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир” (Мат. 26:41). Руҳ билан яшашнинг устунлиги шундан иборатки, бу бизни тўғри йўлда ушлаб туради. Ҳаворий Павлус Галатияликларга мактубда шундай деб ёзади: “Яна шуни айтайин: Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг, шунда худбин истакларингизни қондирмайсиз. Ахир, ўшандай инсоний истаклар Руҳга қарши, Руҳнинг истаклари эса инсоний худбин истакларга қаршидир. Буларнинг иккаласи бир–бирига қарши, шунинг учун сизлар хоҳлаганингизни қила олмайсизлар. Аммо Руҳ сизни бошқарса, сиз қонуннинг амри остида эмассиз” (Гал.5:16-18). Худога ҳамду–санолар бўлсинки, бизнинг У билан ўзаро алоқаларимиз бу “вақтинчалик муносабатлар” эмас, балки “абадий иттифоқ”дир. Қадимий мадҳия сўзлари билан айтганда: “У ҳамиша мени етаклайди! О, хушбахт тафаккур!” 52 БОБ Сиз қаерда бўлсангиз, Худо ўша ерда сиздан фойдаланади Худо сиздан фойдаланишни бошлаши учун сизнинг зўр бериб чиранишингизга тўғри келмайди. Каломдан яна бир парчани ёд олиш ёки ибодат қилишингиз учун яна битта юмшоқ муқовадаги китобни ўқишингиз ёхуд бошқа бир кассетани эшитишингиз лозим эмас. Худо сиздан фойдаланишни бошлашидан аввал ҳаттоки жамоат хизматига боришингизга ҳам ҳожат йўқ. Худо ишлатилишни истайдиган идишлардан фойдаланади, лиммо–лим тўлганларидан эмас. Муқаддас Китобда Худо Ўзининг ердаги режаларини амалга ошириш учун турли ҳолатдаги одамлардан фойдаланиши айтилади. 1. Давлат хизматчиси бўлган Матто ҳаворий бўлди. 2. Оддийгина деҳқон бўлган Гидўн жасур етакчи бўлиб етишди. 3. Ёлғончи Ёқубнинг исми Исроил бўлди. 4. Уй бекаси бўлган Добира Ҳакамга айланди. 5. Дудуқ Мусо халоскорга айланди. 6. Худонинг Каломини қўрқмасдан айтган Еремиё ёшгина бола эди. 7. Хизматкор Ҳорун Худонинг хабарчиси бўлди. 8. Фарзий Никодим имон ҳимоячисига айланди. 9. Чўпон Довуд подшоҳ бўлди. 10. Оилавий ҳаётда инқирозга учраган Осиё Исроилни қутқариш учун башорат қиларди. 11. Тутқун Юсуф вазир лавозимига тайинланди. 12. Етим Эстер малика бўлди. 13. Оддий инсон Илёс қудратли пайғамбар бўлди. 14. Ёрдамчи Ёшуа Нун забт этувчи бўлди. 15. Балиқчилар Ёқуб ва Юҳанно Масиҳнинг яқин шогирдлари бўлиб, “момақалдироқ ўғиллари” сифатида донг таратишди. 16. Кўчманчи Иброҳим кўплаб халқларнинг отасига айланди. 17. Балиқчи Бутрус Исо қурган жамоатнинг асоси бўлди. 18. Қочоқ Ёқуб Исроилнинг ўн иккита бўғинига ота бўлди. 19. Яҳё чўмдирувчи Масиҳ келишининг даракчиси бўлди. 20. Номаълум қиз Марям Худо Ўғлини туғиб берди. 21. Шарбатдор Нахимиё Қуддус шаҳрининг деворларини қурди. 22. Яҳудий асирлар Шадрах, Мешах ва Абеднаху Бобил халқининг буюк етакчилари бўлиб етишишди. 23. Бутпарастнинг ўғли Ҳизқиё подшоҳ бўлиб, Худо назарида тўғри ишларни қиладиган ҳукмрон бўлиб танилди. 24. Оғзи нопок одам бўлган Ишаё Масиҳнинг туғилишини башорат қилди. 25. Масиҳийларни таъқиб қилган Павлус буюк тарғиботчига ва Янги Аҳдниннг учдан икки қисмини ёзган муаллифга айланди. Сиздан фойдаланиш учун Худога нима зарур бўлса – бу фақат сизнинг ўзингиз! СЎНГГИ СЎЗ Худо сизни қандай бўлишга даъват этган экан, шундай инсон бўлинг. Бундан камига рози бўлманг. Орқага қараманг. Олдинга қаранг ва шу бугуноқ Унинг ҳаётингиздаги режаларини амалга ошириш учун бир қарорга келинг. Ва Салоникаликларга мактубидаги ушбу сўзларни унутманг: “Сизларни чақирган Худо садоқатлидир, У ҳар доим Ўз айтганини бажаради” (1-Сал.5:24). МУАЛЛИФ ҲАҚИДА Джон Мэйсон бизнес ва масиҳийликнинг самарали хизматига асосланган “Инсайт Интернешенл”нинг асосчиси ва президентидир. Унинг маслаҳатлари Қўшма Штатларда ва хориждаги юзлаб бизнесменларга ижобий таъсир кўрсатган. Джон Мэйсон имонлиларга ўз ҳаётларида қобилият ва иқтидорларини Худонинг режаси бўйича тадбиқ этишларини уқтиради. У қандай қилиб етакчи бўлиш мумкинлиги ҳақидаги қўлланмалар ва туркум аудиокассеталарнинг муаллифидир. У Орал Робертс Университетида маъмурий бизнес бўйича бакалавр даражасини олган. Джон Мэйсон эркаклар ва аёллар ташкилотлари ва бошқа масиҳий уюшмаларда, жамоатларда таълим берганлиги ва хизмат кўрсатлиги эътироф этилган. Джон Индиана штатидаги Форт Вейн шаҳрида, масиҳийлар Чета ва Лорин Мэйсонлар оиласида вояга етган. У ва хотини Линда, тўртала фарзандлари Мишель, Грэг, Майк ва Дэвид ҳозирги вақтда Оклахома штатидаги Талса шаҳрида истиқомат қилишади.