Филип Янси НЕГА? Ҳар доим жавобсиз қолаётган савол Юрак титраб, қичқирди: «Ё, Худоё!» Ва шу тариқа, мен билиб олдим – Сен менинг қайғумдасан. Жорж Герберт, «Офатлар (III)» М У Н Д А Р И Ж А 1–қисм: Худо қаерда, ўзи? Савол қайтмоқда Ғамгин Мавлуд байрами 2–қисм: «Билишни хоҳлайман: Нега!» Аввал силкинишлар, кейин тўлқин Фожиа билан юзма–юз Нега? Бизнинг ягона умидимиз Диққатнинг чалғиши «Ёрдамчиларни изла» Зиён қилиб қўйма 3–қисм: Худо ухлаб қолганда «Бундай шафқатсизлик қаердан келди?» Кўр ва кемшик дунё Ёрдам сўраб қилинган нолалар Қўшнилар Умид учқуни Эзгуликка элтувчи азоб Ўсиш учун макон 4–қисм: Ёвузликни даволай туриб Қайғу шаҳри Ўт ўчириш қисмида Синовдан ўтган ва мустаҳкамланган эътиқод Узилган ҳаёт Икки универсалия Қийин саволлар Ўлим, кеккаяверма 5–қисм: Уч буюк синов Миннатдорчиликлар Дастлабки манбалар 1–ҚИСМ ХУДО ҚАЕРДА, ЎЗИ? Отам менинг биринчи туғилган куним олдидан полиомиелит касаллигига чалинганди. Унинг бўйнидан пастки қисми фалаж бўлиб, нафас олишига ёрдам бериш учун ўпкасида ҳаво алмаштириб турадиган шовқинли темир машинада ҳаракатсиз ётарди. Онам мени ва уч ёшли укамни касалхонага олиб келар ва эри деразага қараб ўғилларини кўриши учун, бизни изоляторнинг ойнасига кўтарарди. Отам бизни кўтара олмас ва ҳатто бизга қўлини тегиза олмасди. Отам Африкага миссионер сифатида боришга тайёргарлик кўраётган эди ва у касал бўлиб қолганида, бир неча минг киши унинг шифо топиши учун халқа бўлиб ибодат қилишга қарор қилишди. Улар хизматдаги бундай келажаги порлоқ ёш ва кучга тўла одамни Худо «олиб қўйишига» ишона олмасдилар. Қолаверса, отамнинг энг яқин дўстлари унинг тузалиб кетишига шунчалик ишонгандиларки, иймон–эътиқод билан қадам ташлаб, унинг рухсати билан беморни ўзи ётган темир «ўпка»дан тортиб олишган. Икки ҳафта ўтиб, у вафот этди. Мен жавобсиз ибодатнинг қора соясида отасиз ўсдим. Кейинчалик, отам вафот этган пайтида неча ёш бўлган бўлса худди шу ёшда, ёш журналист сифатида мен «Ридерз Дайжест» журнали учун «Ҳақиқий ҳаётдаги драма» туркумидаги мақолалар серияси устида ишлай бошладим. Уларда фожиаларни бошдан кечирган одамлар ҳақида гапириларди ва мен сўровдан ўтказилаётганлардан зиддиятли ва чалкаштирувчи маслаҳатлар берувчи «Масиҳийлар вазиятни фақат ёмонлаштирардилар», деган гапларни қайта–қайта эшитардим. «Худо сизларни жазолаяпти». «Йўқ! Бу Шайтон!» «Униси ҳам эмас, буниси ҳам эмас. Худо азобланишингизга жазо сифатида эмас, балки севгани учунгина рухсат берди, чунки сиз имонни кўрсатиш учун махсус танлангансиз». «Йўқ! Худо шифо топишингизни хоҳлайди!» Мен бу одамларга нима дейишни билмасдим ва ҳақиқатан ҳам ўзим жавобга муҳтож эдим. Қийин саволга дуч келганимда, мен одатда бу ҳақда ёзишни бошлайман, чунки жараённинг ўзи менга мутахассислар билан суҳбатлашиш, кутубхоналарда ўтириш ва Муқаддас Китобга мурожаат қилиш имкониятини беради. Натижада, 27 ёшимда «Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?» номли биринчи ҳақиқий китобимни ёздим. Турли мавзуларда ёзган бўлсам–да, болалигимда чуқур доғ қолдирган, ёзувчилик фаолиятимнинг илк даврида ҳукмронлик қилган бу савол доимо сақланиб қоларди. Мен ҳали ҳам оғриқ ва азобларга дучор бўлган одамлардан тинимсиз фикр–мулоҳазалар тўла мактублар оламан. Яқинда мен бу саволга жавоб топишга уринганлардан келган барча мактубларни архивдан чиқариб олдим – улар мингдан ортиқ. Уларни қайта ўқиб чиқиб, ўзимга кўпчилик одамлар учун азоблар уларнинг ҳаётидаги табиий шовқинга ўхшашишини эслатдим. Кимдир ўз касалликлари билан, яна кимдир, сурункали жисмоний оғриқ ёки клиник депрессиядаги ёлғизликнинг лаънати билан яшайди. Бошқалар эса, яқинлари ҳақида қайғуришлари сабабли доимий руҳий азобларни бошдан кечиришади: гиёҳвандлик билан курашаётган эри ҳақида; ўз–ўзини емириш йўлига тушган болалари ҳақида; Альцгеймер касаллигига чалинган ота–онаси ҳақида. Дунёнинг айрим ҳудудларида оддий одамлар қашшоқлик ва адолатсизлик туфайли ҳар куни катта азобларга дуч келишади. Жиноий иш материалларини ўрганаётган ўн олти ёшли қиз томонидан менга йўлланган мактубда энг долзарб саволлардан бири кўтарилган: Қотиллик ишларини кўриб чиқар эканман, қурбонлар, уларнинг оилалари ва улар бошдан кечирган ақл бовар қилмас азоблар ҳақида кўпроқ билиб олардим. Мен ўз эътиқоди учун ихтиёрий равишда жон берган шаҳидлар ёки миссионерлар ҳақида эмас, балки ваҳший жиноятларнинг бегуноҳ қурбонлари ҳақида гапиряпман. Мен Ўз фарзандларини севадиган ва барчамиз учун энг яхшисини хоҳлайдиган осмондаги Отага ишонаман. Мен бу даҳшатли азобларнинг барчасини Худо келтириб чиқарган деб ўйламаган бўлсам–да, «Нега У ёрдам бера олсада, аралашмади?» деган савол менинг имонимни қийнайди. Шу боис навбатдаги саволим... Агар қийноққа солинган ўша инсонларни ва бегуноҳ болаларни Худо асрамаган бўлса (баъзилари нажот сўраб Худога илтижо қилган бўлсалар ҳам), У мени ҳимоя қилишига қаердан ишонишим мумкин? Мен ишонмоқчиман, лекин ўзимни худди Муқаддас Китобдаги «Ишонаман! Ишончсизлигимни енгишимга ёрдам беринг!» деб, Исога айтган одамдек ҳис қиляпман. Савол қайтмоқда Мен ҳам ўзига яраша шахсий азоблар тажрибасига эгаман: суякларим синган, кичик операциялар, ҳаётимни йўқотишимга бир баҳя қолган автоҳалокат... Лекин мен бошқаларнинг ҳикояларини тинглаш орқали кўпроқ нарсаларни ўргандим. Рафиқам хосписда капеллан бўлиб ишлаганида, у тез–тез кечки овқат пайтида ўлим билан юзлашишга мажбур бўлган оилалар ҳақида менга айтиб берарди. Бизнинг овқатларимиз кўз ёшлари билан зираворланарди. Бундан ташқари, журналист сифатида мен бошқаларнинг юракни эзувчи: гомосексуалист–ўғилнинг ўз жонига қасд қилганидан қайғураётган ота–оналарнинг; азобли ва ўлимга олиб келувчи касалликнинг кучайиб бораётган зўрайишига чидаётган жамоат чўпонининг; Маданий инқилобнинг ваҳшийликларидан омон қолган хитойлик масиҳийларнинг ҳикояларини эшитардим. Азоблар мавзусига тез–тез қайтиб турганим учун, мени вақти–вақти билан «Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?» биринчи китобимда кўтарилган мавзуда гапиришга таклиф қилишади. Виржиния Политехника университетининг талабалар шаҳарчасидаги ёмғирдан кейин қўзиқориндек чиққан импровизацион ёдгорликлар атрофида айланганимни, сўнгра эса ўттиз учта синфдош ва ўқитувчиларнинг ўлимидан ғам–ғуссага тўла минглаб талабалар қаршисида турган кунимни умуман унутмайман. Ёки кейинги йили Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бутунлай бошқа мавзуда нутқ сўзламоқчи бўлганимда, «Тож Маҳал» меҳмонхонаси ва бошқа биноларда содир этилган теракт туфайли, ўтказиладиган жой ва мавзуни ўзгартиришга мажбур бўлганим ҳақидаги воқеа, яна абадий долзарб масалага қайтган ҳолда худди шундай даҳшатлар тўла кунни ҳеч қачон унутмайман. 2012 йилда мен бу мавзуда уч марта нутқ сўзладим ва энг аянчли вазиятларда тингловчиларга мурожаат қилдим: фожиали табиий офатдан кейин биринчи марта; уруш натижасида вайрон бўлган шаҳарда иккинчи марта; учинчиси эса уйга энг яқин бўлган ва эҳтимол шунинг учун бу энг азобли воқеа бўлиб чиқди. Март ойида мен Япониянинг Тохоку минтақасидаги реактив авиалайнер тезлигида қирғоққа келиб, темир йўл изларини бузиб, вайрон бўлган қишлоқларда кемалар, автобуслар, уйлар ва ҳаттоки самолётларни синдириб ташлаган цунамининг биринчи йиллиги муносабати билан омма олдида сўзга чиқдим. Офат оқибатида 19 мингта одами ҳалок бўлган ва бутун қишлоқлари денгизга ювилиб кетган, одатда, илоҳий саволларга етарли вақти бўлмаган ишбилармон бу материалистлар мамлакати энди бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмасди ҳам. Октябр ойида мен тўрт йил давомида иссиқлик, газ ва электр таъминотисиз қолган, озиқ–овқат ва сув билан таъминланмаган, замонавий урушлар тарихидаги энг узоқ қамални бошдан кечирган Сарайево шаҳрида ҳам худди шу мавзуда гапирган эдим. Ўн минг аҳоли снайпер ўқлари ва кунлик артиллерия ҳужумларидан, снарядлар ва миналар дўл каби осмондан тушганда ҳалок бўлди. Қамалдан омон қолганлардан бири менга ичини тўкиб солди: «Энг ёмони бу – ёмонликка кўникиш. Агар биз буларнинг барчаси қанча давом этишини олдиндан билганимизда эди, эҳтимол ўз жонимизга қасд қилган бўлардик. Аммо вақт ўтиши билан бунга бефарқ бўлиб қоларкансан. Сен шунчаки омон қолишга ҳаракат қиласан». 2012 йил ниҳоясига етар экан, мен, эҳтимол, энг қийин, лекин азоблар миқдори бўйича эмас, – ахир уни қандай қилиб миқдор билан ўлчаш мумкин, – мутлақ даҳшат ва чуқур қайғули вазифага дуч келдим. Мавлуд байрамидан кейинги биринчи дам олиш кунида мен, йигирмата биринчи синф ўқувчиси, олти нафар ўқитувчи ва бошқа мактаб ходимларининг бемаъни ўлдирилишидан саросимага тушган Коннектикут штатининг Ньютаун шаҳри жамоатчилигига юзландим. У ердаги ҳукм сурган кайфиятни тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси яхши тасвирлаб берди. «Ўт ўчириш бўлими ва тез ёрдам бригадасида ҳаммамиз кўнгиллимиз, – деди у. – Мен баъзида даҳшатли нарсаларни бошдан кечиришга мажбур бўлардим, лекин бизда бундай нарсалар учун махсус тайёргарлик йўқ... Ҳеч кимда ҳам йўқ. Рафиқам «Сэнди Хук» бошланғич мактабида дарс берарди. У бу йигирма нафар боланинг ҳар бирини, шунингдек, ўлдирилган ходимларни номма–ном билар эди. У директор Дона Хокспрангдан уч қадам орқада кетаётган эди, Дона: «Қайтинг! У ерда қуролли йигит бор!» деб қичқирди. Рафиқам қирғиндан яшириниб ўтиргандан сўнг, коридорда ҳамкасблари ва болаларнинг жасадлари ёнидан ўтишга мажбур бўлди». Овозини жиловлаш учун бир зум тўхтаб, у сўзида давом этди: «Ҳар бир инсон у ёки бу даражада қайғуни бошдан кечиради, энг ёмони, бу – фарзанддан жудо бўлиш. Шошилинч ёрдам хизматида ишлаганимда, бу нарса одамларга қандай таъсир кўрсатишини кўрганман – айниқса ўз жонига қасд қилгандан кейин. Сиз худди қандайдир қобиқдаги каби бу қайғу билан яшайсиз ва фақат вақт ўтиши билангина аста–секин ташқи дунёга қайтишни бошлайсиз. Дўконга борасиз, ишга қайтасиз. Аста–секин, ташқи дунё сизнинг эътиборингизни тобора кўпроқ жалб қилади ва қайғу хиралашади. Бизнинг Ньютаун – кичик бир жамоа. Қаерга бормайлик, ҳамма нарса бизга нима бўлганини эслатиб туради. Биз дўконга борсак – қурбонлар хотирасига қўйилган ёдгорликларни кўрамиз. Кўчада юрсак, боласини йўқотганлар уйининг айвонидаги белгиларни кўрамиз. Биз бундан қочиб қутула олмаймиз. Шаҳар гўё шиша қопқоқ билан ёпиб қўйилганга ва ундан ҳамма кислород тортиб олинганга ўхшайди. Қайғу нафас олишимизга имкон бермайди». Мен Клайв Калвер исмли қадрдон инглиз дўстимдан Ньютаунга келиш таклифини олдим. 1970 йилларда мен «Ёшлар Масиҳ учун» ташкилоти томонидан чиқариладиган «Талабалик ҳаёти» журналида муҳаррир бўлиб ишлаган вақтимда, у ташкилотнинг Буюк Британиядаги бўлимини бошқарган. Вақт ўтиши билан бизнинг йўлларимиз айро тушган. Клайв халқаро хайрия ишларига ўтиб кетди, мен эса ёзувчи бўлдим. Бугунги кунда Клайв – Ньютаун яқинидаги гуллаб–яшнаётган 3500 аъзоли жамотнинг чўпонидир. Мавлуд байрамидан бир ҳафта олдин менга қўнғироқ қилганида, «Менинг бутун ҳаётим фақат шу ролга тайёргарлик кўргандек туюлади», – деди у. «World Relief»да мен табиий офат ҳодисаларида ёрдам гуруҳини бошқарардим. Унда бутун дунё бўйлаб 20 мингга яқин одам иштирок этганди. Аммо ҳозир бу нарса менинг маҳалламда содир бўлди ва менинг жамоатим аъзолари бевосита жабр кўрди. Уларнинг ҳаммаси сен бир неча йиллар олдин китобингда ёзган «Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?» деган саволларни беришади. Жамоатимизга келиб гапира оласанми?” Ғамгин Мавлуд байрами Мен учун 2012 йилги Мавлуд байрами бошқа ҳеч бирига ўхшамайди. Отам 15 декабрда вафот этганди ва бу ҳар доим оиламиздаги Мавлуд байрами руҳини бўғиб қўярди, ана энди эса 14 декабрдаги отишма бутун бир халқ учун байрамни азага айлантирди. Бу худди кўкрак остига берилган муштдек эди. Бизга ва мамлакатимизга нима бўлаяпти? Муносиб оиладан бўлган ёш йигит мактабга бостириб кириб, қўрқувга тушган йигирма нафар биринчи синф ўқувчиларини отиб ташлаши мумкинлиги ҳеч кимнинг тасаввурига сиғмасди. Мен янгиликларни кузатардим ва ўша куни бошланғич мактабда содир бўлган воқеаларнинг хронологиясини дақиқама–дақиқа ўрганиб чиқардим. Мен барча ўлдирилган болаларнинг Интернетда чоп этилган таржимаи ҳолларини ўқиб чиқдим, шу туфайли энди уларнинг ҳар бирининг исмини ва кўринишини билиб олдим: Кетриннинг ажойиб малла сочлари; Даниэлнинг кемшик табассуми; кўк кўзли Эмилининг ёрқин кўриниши; Жесснинг ўйноқи табассуми... Мен бу болаларнинг уй ҳайвонлари, уларнинг севимли машғулотлари ва тенгдошларининг ҳазиллари, озиқ–овқат аллергиялари ва севимли спортчилари ҳақида ўқиб чиқардим. Гарчи бу ҳаётлар тахминан олти–етти йил ичида узилиб қолган бўлса–да, улар ер юзида ўз изларини қолдиришга муваффақ бўлишганди. Ўша дам олиш кунлари Ньютаунда эшитганларим – воқеалар, саволлар, даҳшат ва норозилик ҳайқириқлари – йиллар давомида бошдан кечирган азобларга бўлган бошқа реакциялар ҳақидаги хотираларимни қайтарди. Бахтсизликлар нега содир бўлади? Нега Худо ёвузликнинг ўз даҳшат йўлидан боришига йўл қўйиб берди? Бундай воқеалардан қандай яхшилик келиб чиқиши мумкин? Мен биринчи китобимни ёзганимдан бери бу саволлар билан курашиб келмоқдаман ва Ньютаун жамоати аҳлига мурожаат билан юзланганимда, яна шу саволларга дуч келдим. Коннектикутга йўл олганимда, «Мен азобланганимда, Худо қаерда?» китобимнинг ношири уни вақтинча бепул юклаб олиш учун тақдим этди. Мен ҳаволани Facebookга жойлаштирдим, нашриёт эса пресс–релиз эълон қилди, лекин бу акцияни реклама қилмади. Биз бир неча юз киши, балки – мингтаси жавоб беришини кутгандик, лекин кейинроқ билсак, бир неча кун ичида китобни юз мингдан ортиқ одам юклаб олган экан. Шубҳасиз, бу кўпчиликни ташвишга соладиган мавзу ва шунинг учун мен бошқа ёзма лойиҳаларни четга суриб, ўттиз йил олдин биринчи марта ўрганган саволимни қайта кўриб чиқишга қарор қилдим. Ушбу китобнинг ёзилиши Колорадо тоғларида узоқ давом этган қишга тўғри келди. Ҳатто 2013 йил апрель ойида ҳам мен деразадан ҳайратланарли даражада гўзал манзарани: тропик океан рангидаги осмонда тонгги қуёш нурларида порлаб, олтиндек товланиб турган янги ёққан қор қатлами остидаги доимий яшил дарахтларни томоша қила олардим. Мен бу улуғворликдан узоқлашар эканман, Япония, Сараево ва Ньютаунда кўрган изтиробли чеҳраларни бирлаштиришга мажбур бўлдим. Кутилмаганда уларнинг кети узилмай қолди. 15 апрел куни икки муҳожир Бостон марафонининг марра чизиғига бомба қўйиб, Бостондаги қувонч ва зафар кунини барбод қилди. Ньютаундаги қурбонлар хотирасига бағишланган ғамгин йигирма олти сония сукут билан бошланган пойга, фожиа билан тугади. Мамлакатда ҳажми жиҳатидан бешинчи ўринда турадиган шаҳар полициячилар томонидан учта ўлим ва юзлаб жароҳат етказган террорчиларни қидириш билан фалажланди. Икки кундан кейин Техас штатидаги Уэст шаҳридаги ўғит заводи портлаб, ўн нафар ўт ўчирувчини ва яна беш кишини ҳалок қилди, аммо Бостонда уюштирилган оммавий қуршов пайтида бу ҳолат деярли сезилмай қолди. Кейинроқ ўша ҳафтанинг охирида Хитойнинг Сичуан қишлоғида зилзила содир бўлди, 200 га яқин кишининг ҳаётини олиб кетди, 8 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. 2012 йилда кўтарилган азоб ҳақидаги саволлар 2013 йилда ҳам сақланиб қолгани аниқ. Дарҳақиқат, мен бу масалани исталган йили кўтаришим мумкин эди, чунки биз касалликлар, сув тошқинлари ва қурғоқчилик, зилзилалар, ёнғинлар, урушлар, зўравонлик ва террорчиликдан азоб чекаётган заиф сайёрада яшаяпмиз. Азоблар, хоҳ фалокат, хоҳ оддий ситам бўлсин, ҳар доим яқин атрофда яширинган бўлади. Мен ҳар куни «Caring Bridge» веб–сайтидан кимдир шифохонага тушиб, ҳаётни таъминловчи аппаратига уланиб ёки инсультдан кейин тикланиш ё саратон касаллигига қарши курашаётгани ҳақида ҳикоя қилинган кўплаб тарқатма–хабарларини оламан. Бундай дунёда Худо қаерга қараяпти? Ҳеч қайси китоб дард муаммосини «ҳал» қила олмаслигини тўлиқ англаб етаман, шунга қарамай, изтироблар дунёсида ўрганганларимни бошқаларга ҳам етказишим кераклигини ич–ичимдан сезиб турибман. Агар масиҳийларда яраланган дунё билан бўлишиш учун хушхабар, умид ва тасалли номалари бўлса, унда у айнан шундан бошланиши керак. 2–ҚИСМ «БИЛИШНИ ХОҲЛАЙМАН: НЕГА!» Мен 1998 йилда Японияни биринчи ташрифимдаёқ севиб қолгандим. Самолёт аэровокзалга етиб келганида, барча юк ташувчилар ва фаррошлар бизни қутлаб таъзим қилишади. Меҳмонхонада қўнғироқчилар чамадонингизни олиб келиш учун сизнинг олдингизга шошилишади ва хушмуомалалик билан ҳар қандай чой–чақани рад этишади. Сиз ёқилғи қуйиш шохобчасига борасиз – ва сизнинг машинангиз бакини бензин билан тўлдириш ва ойна ҳамда фараларни ювиш учун оқ қўлқопли ишчилар (кўпинча аёллар) ўраб олишади. Қандай қилиб улар униформаларини соф ва тоза сақлашга муваффақ бўлишаркин? Сиз у ердан чиқиб кетаётганингизда, улар таъзим қилиб, сизга қўл силтаб хайрлашишади, сизга хизмат кўрсатишларига рухсат бериб, уларга катта илтифот кўрсатгандексиз гўё. Автобус ва такси ҳайдовчилари саёҳатлар орасидаги дақиқаларда бамперларини жилолаб, ўриндиқларини чангдан тозалашга ҳаракат қиладилар. Токиодек гавжум шаҳарда ҳам автомобил сигналини камдан–кам эшитасиз, чунки ҳайдовчилар чорраҳаларда сабр билан бир–бирларига йўл беришади. Ўшандан бери мен бу мамлакатга япон нашриётимнинг таклифига биноан уч марта қайтиб келдим. Японияда масиҳийлик мавзусидаги китоблар бозори жуда кичик. Японларнинг атиги бир фоизи ўзини масиҳий деб ҳисоблайди, йигирма ёки ўттиз нафар жамоат аъзоси бўлган кўпчилик жамоатлар зўрға кун кечиради. Тасодифий ташриф буюрувчилар инглиз тилини машқ қилиш ёки Ғарб мусиқасини тинглаш учун жамоат топишлари мумкин бўлса–да, бу ерда жамиатнинг янги аъзоларини камдан–кам учратасиз. Японлар масиҳийликни ҳурмат қиладилар (уларнинг энг яхши романчиларидан баъзилари ўз эътиқоди ҳақида очиқ ёзган), лекин унга Ғарб импорти каби муносабатда бўлишади. Уларнинг замонавий, юқори технологияли жамиятида дин асосан буддавийлик ёки синтоизм шаклида, шунда ҳам кундалик ҳаётнинг динамик қисми эмас, балки ўтмиш қолдиқлари сифатида сақланиб қолган. Жамоатга ёки жамоат йиғилишига мурожаат қилишдан олдин, мен ҳар доим таклиф қилган томоннинг идорасида ташкил этилган чой маросимининг иштирокчисига айланардим, унда биз ловия хамиридан тайёрланган ширинликларни чайнардик, совғалар алмашардик ва тадбирнинг аниқ дастурини келишиб олардик: қўшиқ – уч дақиқа ва қирқ сония; эълонлар – икки дақиқа; нутқ – йигирма етти дақиқа; охирги сўз – йигирма сония. Япон тилида спонтанлик (ўз–ўзидан юз бериш)ни ифодалайдиган ибора борлигига менинг ишончим комил эмас. Япония ҳақида ўйлаганингизда, иккита сўз хаёлга келади: тартиб ва ​​гўзаллик. Асрлар давомида японлар урф–одатларга сингдирилган жамиятни шакллантирдилар. Улар ҳурмат белгиси сифатида бир–бирларига таъзим қиладилар ва ҳар доим каттанинг биринчи бўлиб қаддини ростлашини кутишади. Меҳмонлар қизиқишини кўрсатиш учун бошқалардан олинган ташриф қоғозини диққат билан ўқиб чиқишади ва иккала қўлни олдида ушлаб туриш кераклигини тезда билиб оладилар. Жамоат жойларида ҳеч қачон оёқ кийимнинг тагини кўрсатмаслик ва қўлларни чўнтакка солмаслик керак. Уйга ёки жамоатга кираётганда, сиз пойабзалингизни ечиб, меҳмонларга мўлжалланган шиппакни кийиб олишингиз керак. Ҳожатхонага бориш яна бир маросимлар тўплами билан боғлиқ. Киришдан олдин сиз уй шиппакларингизни ечиб, пластикдан ясалган ва Микки Маус ёки Хеллоу Китти каби мультфильм қаҳрамонлари билан безатилган ҳожатхона шиппакларини киясиз (Мен ташриф буюрган муҳим одамлар кетаётганда оёқ кийимларини алмаштиришни унутиб, академик шапкача, мантия ва оёқларига ҳожатхона шиппагини кийиб саҳнага чиққанлари ҳақида бир нечта қизиқарли ҳикояларни эшитганман). Унитазнинг ўзи ва унинг атрофи реактив самолёт кабинасидаги тугма ва тумблерлар тўпламини – қопқоқдаги бир марталик ғилофни алмаштириш, ўриндиқни иситиш, кўтарилувчи душ ва қуритгични ёқиш, шунингдек, мен синаб кўришга журъат этмаган бошқа кўплаб функцияларни эслатади. Ва бу расмиятчиликнинг ортида гўзалликни чуқур англаш ётади. Чой мўъжаз чинни пиёлада тортилади – ҳеч қандай қоғоз ёки пластик стаканларга ўрин йўқ, – янги узиб олинган гуллар эса дастурхонни безатиб туради. Шаҳар аҳолиси энг сўнгги урфга биноан кийинади, баъзи қишлоқ жойларида аёллар ҳали ҳам чиройли кимоно кийишади. Баъзи япон уй бекалари ҳар куни эрталаб бир соат давомида бир қути бэнто: мактабда ўқувчи фарзандлари учун тушлик тайёрлайдилар. Улар денгиз маҳсулотлари, гуруч, гўшт ва сабзавотларнинг порцияларини мультфильм қаҳрамонлари, ҳайвонлар ёки машҳур ёдгорликларни эслатувчи рангли безаклар кўринишида жойлаштириб чиқишади. Кичкина ҳовлили уй олиш бахтига сазовор бўлган ҳар бир япон оиласи миттигина боғ ёки олтин балиқчали ҳовуз учун жой топади. Бугунги кунга қадар ҳам мен, Япониядан олиб келинган Мавлуд байрами табрикномалари – очилиб турадиган гуллар ёки анъанавий кимоно нақшли нафис санъат асарларини ташлаб юборишга қўлим бормайди. Бироқ, бу экзотик ва жозибали мамлакатга сўнгги ташрифимда мен тартиб ва ​​гўзалликнинг тескарисини кўрдим. Даҳшатли кунларнинг бирида цунами, япон жамиятининг энг буюк қадриятларини ювиб ташлаб, уларнинг ўрнини ифлослик, вайроналик ва руҳий зарба билан тўлдирди. Аввал силкинишлар, кейин тўлқин Яқинлашиб келаётган бўронга деразаларингизни фанера билан қоқиб ташлаш, дераза эшикларини маҳкамлаш ёки жуда бўлмаса, эвакуация қилиш орқали тайёргарлик кўришингиз мумкин. Қўрқинчли булутлар ва бошқа об–ҳаво белгилари одатда яқинлашиб келаётган торнадо ҳақида камида бир неча дақиқа олдин хабар беради. Аммо цунами тиниқ, ёқимли кун қирғоққа келиши мумкин ва кўз очиб юмгунча, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, қаттиқ қуруқликни титратиб ташлайди. 2011 йил 11 март куни кундузги соат 2:46 да Япониянинг шарқий қирғоқларида тўққиз баллик зилзила содир бўлди. Зилзила уч дақиқадан беш дақиқагача давом этиб йўлларни расво қилди, кўприкларни бузди, уйлардаги жиҳозларни ағдарди ва алоҳида биноларни вайрон қилди. Зилзила ақл бовар қилмас даражада кучли бўлдики, у Япониянинг энг катта оролини Шимолий Америка томон деярли уч метрга суриб юборди. Кейин қирқ беш дақиқа давомида ҳамма нарса тинчланди, шу вақт ичида одамлар ўзига келиб, вайронагарчиликлар кўламини кўздан кечириб чиқишди. Кейин эса тўлқин келди. Океанда узоқдаги зилзила эпицентрида ҳосил бўлган сув девори қирғоққа урилганда тезлиги соатига 800 километргача етганди. Денгиз бўйидаги Тохоку минтақаси яқинлашиб келаётган тўлқинга дарвозаларни кенг очиб, деярли бир метрга чўкиб кетди. Натижада, цунами, худди йўл бўйидаги бордюрдан ошиб ўтган баҳайбат маҳлуқ каби қирғоқ тўсиқлари устидан кўтарилди. Гувоҳларнинг ўз «айфон»ларида суратга олган видеотасвирлар (уларнинг баъзиларининг жасадларини кўздан кечириш чоғида топилган) қўрқинчли фильмлардаги махсус эффектлар акс эттирилган саҳналарни эслатади: ўйинчоқдек ирғитиб юборилган кемалар, уйлар ва юк машиналари; бирдан сув остида қолган замонавий аэропорт; қалин қора тутун булути кўтарилган ядровий реакторнинг портлаган минораси. Британия мактаби ўқитувчилардан бири ҳалокатдан хабар берувчи сиренани эшитиб, деразадан океанга қаради ва ўсиб бораётган туман деворини кўрди. «Эҳтимол, бу цунами томчилари бўлгандир, лекин улар жуда катта ва ғайриоддий кўринарди, – деб эслайди у. – Гўё кимдир океанда улкан гулхан ёққанга ўхшарди, ундан улкан айланаётган тутун булутлари кўтарилди. Тўлқин минглаб вайроналарни олиб келди. Уларнинг орасида бинолар, кемалар, машиналар ҳам бор эди, лекин улар узоқдан жуда кичкина кўринарди. Бу шунчалик ҳайратланарли манзара эдики, миям буни идрок эта олмади». Бу ўқитувчи қирқ икки шогирдини хавфсиз жойга олиб борди, лекин ўша куни яна юздан ортиқ болалар интизомлик билан ўз ўқитувчиларидан йўл–йўриқ кутиб ҳалок бўлдилар. Бир руҳоний зилзиладан кейин уйига етказилган зарарни текшираётганда, Токиодаги қизидан даҳшатли СМС келди: «Қочинг! Қочинг! Қочинг!» Ўша пайтда, қирқ беш дақиқалик сукутдан сўнг, бу хабар ғалатидек туюлди, лекин электр қувватисиз жамоат чўпони радиони ёқа олмади ва шунинг учун ҳам қизининг маслаҳатига амал қилиб, эвакуация қилишга қарор қилди. Тўлқин ўркачида уни сёрферчидек олиб ўтди ва харобаларга тўла далага туширди, қутқарувчилар уни топгунига қадар у икки кунни машина ичида ўтказди. Зилзиладан кейин яна бир жамоат чўпони хотини билан тепаликка қочиб кетди. Цунами яқинлашганда, уларга тўсатдан қор бўрони келиб урилди ва бир неча дақиқа давомида улар ўзлари турган хавфсиз нуқтадан ҳеч нарсани кўрмай қолдилар. Улар тўлқиннинг келганини эшитдилар ва кейин тезда денгизга қайтиб, инсон таналарини ва тонналаб ахлатларни олиб кетганини эшитишди. Бу қайтиш оқими биринчи тўлқиндан кам хавфли эмас эди. Океан қирғоққа ўн етти марта келиб урилди ва ваннадаги сачраган сувдек чекинди. Ўн олтита тўлқиннинг ҳар бир зарбаси билан жамоат чўпони ва унинг хотини юракни эзувчи ёрдам сўраб илтижо қилаётган фарёдларни эшитардилар ва охирида худди улкан сув тарновидан чиққаётгандек баланд, шивирлаган овоз эшитилиб, сукунат ҳукм суриб қоларди. Қор булути тарқалгач, уларнинг кўзлари бутунлай вайрон бўлган атрофни кўрдилар. Бирорта ҳам бино омон қолмаганди – фақат уларнинг жамоатининг хочи синган суяк каби ғайритабиий бурчак остида чиқиб турарди. Пляжда, бир кун олдин зич ўрмон қоплаган жойни кўрсатувчи бир нечта шилинган дарахтлар қолган эди, холос. Адирлар ёнбағирлари орасига яширинган тор кўрфазга улкан сув массаси ёрилиб кирганда, улкан тўлқин янада тезлашиб кучайди. Текисликда унинг баландлиги уч метрдан тўққиз метргача кўтарилганди, лекин тоғли кўрфазларда у ўн икки қаватли бинонинг тасаввур қилиб бўлмайдиган баландлигигача кўтарилганди. Цунами бўйича катта тажрибага эга японияликлар эвакуация пунктларини яхши ташкил қилишганди: мактаблар, касалхоналар, қариялар уйлари – ва кўпчилик аҳоли огоҳлантирувчи сиреналарни эшитиб, бошпана излаб у ерга қараб югурдилар. Аммо ҳеч ким бундай улкан цунамини кутмаган эди ва аччиқ тасодиф туфайли, қутқариш учун мўлжалланган биноларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Тоғ ёнбағрида жойлашган қариялар уйларидан бирида қирқ етти нафар қария ҳалок бўлди. Бугунги кунда бу жойга йиғиб қўйилган аравачалар, матраслар ва мебель жиҳозлари даҳшатли ёдгорликка айланди. Худди шу шаҳарда бир неча ўнлаб одамлар уч қаватли эвакуация қилиш марказининг томига кўтарилишди, лекин улардан фақат бир нечтасигина тўсиқ ва телевизор антеннасига ёпишиб олган ҳолда оқим билан ювиб кетилмасдан омон қолишган. Бошланғич мактабда ўқитувчилар мактаб биноси орқасида жойлашган тепаликка ўқувчиларни олиб чиқиш тартибини кўриб чиққунларича етмиш тўрт нафари ҳалок бўлди. Баъзи болалар нишабга етиб олишга муваффақ бўлишди, лекин улар кўтарила бошлаганларида, қор билан қопланган ерга сирпаниб, тўлқиннинг ҳалокатли домига думалаб тушганлар. Фожиа билан юзма–юз Зилзила ва цунамидан роппа–роса бир йил ўтгач, мен япон ноширимнинг бир нечта ходимлари билан бир неча кунга талафот кўрган ҳудудга келдим. Мен ҳеч қачон бундай вайронагарчиликни яқиндан кўрмаган эдим. Орадан бир йил ўтган бўлса ҳам, бу ҳудуд худди бошқа сайёрадан келгандек ғамгин ва тушкун бўлиб кўринди. Мен ҳамроҳларимга бир неча савол бердим, лекин кўпинча уларнинг бошига тушган фожиа кўламини ҳис қилишга уриниб, индамай деразадан ташқарига тикилардим. Микроавтобусимиздаги қолган йўловчилар кам гапиришарди ва мен уларнинг юзидаги туйғуларни ўқий олмасдим. Эмили Диккинсон шеърининг бир сатри ёдимга тушди: «Буюк оғриқ ортидан, келар расмий туйғулар». Аммо менинг ҳис–туйғуларим расмиятчиликдан узоқ эди. Вайронага айлаган, аммо қачондир ўзига хос балиқчилик қишлоқлари билан машҳур бўлган ярим оролни кезганимдан сўнг, Тохоку минтақасидаги ғамгин йиғилишлар олдидан, шунингдек, Токиодаги умуммиллий ибодат йиғилишида «Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?» мавзуси бўйича гапиришим керак эди. Ўзга юртдан меҳмон бўлиб, дарди бўлган бу одамларга нима дейишим мумкин? Аксарият японлар Худога умуман ишонишмайди. Қандай қилиб мен севишни ўрганган, иноятли ва раҳмдил Худони уларга танита оламан? У бундай воқеалардан жуда олисда бўлгандек туюларди. Меҳнаткаш японлар осма йўлларни чўкиб қолган ердан бир неча метр баландликка кўтариб кўплаб йўлларни таъмирлашди ёки алмаштиришди. Ишчилар миллионлаб шикастланган биноларнинг деярли барча вайрона ва қолдиқларини ажратиб олишди. Фақат синган деразалари ва лой–балчиқ суркалган, тўкилиб тушаётган деворлари билан арвоҳларга ўхшаб қолган энг мустаҳкам иншоотларгина омон қолганди. Манзаранини вайроналар ва чиқиндилардан ясалган сунъий тоғлар бузиб турарди. Улардан баъзиларининг баландлиги йигирма метрга етарди ва шаҳар кварталига тенг майдонни эгалларди. Япониянинг бошқа ҳудудлари йигирма уч миллион тонналик ахлатни атом электр станциясидаги ҳалокат туфайли ифлослантирувчи ёки радиоактив моддалар борлигидан қўрқиб, ёқиш ёки кўмиб юбориш учун қабул қилишдан бош тортарди. «Қизиқ, қанча машина яксон бўлган экан–а?» — дедим, биз яна вайрон бўлган машиналар тепасидан ўтаётганимизда, овоз чиқариб. Япониялик ҳамкасблардан бири дарҳол смартфонни очиб Google–дан жавобини топди: 410 мингта. Биз қандайдир бир шаҳарга кириб бордик ва бурчакда бурилиб, бир вақтлар яшаш массиви бўлган ҳудуднинг бетон пойдеворида ётган футбол майдонининг тўртдан уч қисмини ташкил этувчи улкан юк кемасини кўрдик. Энди уни бу жойдан бир километр узоқликдаги океанга қандай қайтаришни ҳеч ким билмас эди. Шаҳар ўртасида денгиз бўйидан ювилиб кетган ўн еттита кема ва мингга яқин балиқчи катерлар пайдо бўлиб қолган. Уларнинг кўпчилиги ҳали ҳам цунами ташлаган жойида ётибди: шолизорнинг ўртасида, меҳмонхона ҳовлисида, касалхона томида. CNN ва бошқа ахборот агентликлари статистик маълумотларга асосланиб, офатларнинг ҳажмини ўлчадилар ва 2011 йилги цунами инсоний ва молиявий йўқотишлар нуқтаи назаридан ҳамма кўрсаткичлар бўйича энг ҳалокатлиларидан бири бўлган экан. Бироқ, ҳодиса жойида бўлиб қолганимда, мен бу фалокатни юзсиз статистика эмас, балки жуда кўп ноёб инсоний ҳикоялар сифатида кўрдим. Оқим хотини ва болаларини уйи билан бирга олиб кетаётганини баланд бинодан туриб чорасиз томоша қилган эркак. Уйи кўприкка урилиши оқибатида бир оиладаги қутқариб қолишга имкон берган барча саккиз киши. Балиқни қайта ишлаш заводининг етти нафар ишчиси микроавтобусга ўтириб, тепаликка қараб елган, бироқ йўлдаги тирбандликда қолиб кетган. Уларга етиб олган цунами микроавтобусни худди улкан кир ювиш машинасидагидек айлантира бошлаган ва беш нафар ишчи ҳалок бўлган. Мен Сендай шаҳри яқинидаги қирғоқда яшовчи ва хотини билан тўрт кунни уйининг томида ўтказган бир киши билан гаплашгандим. Пастда ҳамма нарса сув остида қолган ва омон қолиш учун улар итларга бериладиган озуқани ейишга мажбур бўлишганди. Бу одам кўкрагига етиб келган музли оқимдан ўтиш учун бир неча марта муваффақиятсиз уриниб кўрган. Биринчи марта сувга кирганида, у биқинида қаттиқ оғриқни ҳис қилган. Зилзила пайтида қулаб тушаётган уйнинг қолдиқлари унинг икки қовурғасини синдириб ташлаганди, аммо у бу жароҳатни эндигина пайқаганди. «Эсимда қолган асосий нарса – бу совуқ», дерди у. «Биз ҳўл кийимда қалтираб ўтирар эдик, иссиқлик манбаи ҳам, егулик ҳам йўқ эди. Фақат томда ўтириб, қутқарувчиларни кутишимиз қолганди». Цунамидан кейинги дастлабки кунларда омон қолганлар ҳақидаги бир нечта қувончли ҳикоялар яхши умид уйғотарди. 80 ёшли буви ўсмир набираси билан вайроналар остида тўққиз кун ўтказган. Улар совуққотган эди, лекин бошқа зарар кўришмади. Қутқарувчи вертолёт уйининг томида қирғоқдан ўн беш километр узоқликда сузиб юрган олтмиш ёшли эркакни топди. Албатта, бизга фақат омон қолганлар ҳақидаги ҳикоялар етиб келади ва биз ўн тўққиз мингта ҳалок бўлган инсонларнинг тақдири қандай бўлганини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун жиҳозланган авария–қутқариш бригадалари нисбатан кам ёрдамга муҳтож бўлганларни топди. Цунамининг кучи шунчалик катта эдики, унинг қурбонларининг аксариятини шунчаки океан ювиб кетган. Ҳозир ҳам улкан муаммолар бор. Ҳукумат қайси шаҳарларни қайта қуриш ва қайсиларини жуда заиф деб ташлаб кетиш кераклиги ҳақида ҳали ҳам баҳс олиб бормоқда. Қўрқув ва умидсизлик булути бутун жабр кўрган ҳудудни қамраб олди. Бир психолог менга айтганидек, «Мен ЖКСҲ [жароҳатланишдан кейинги стресс ҳолати] нотўғри атама эканлигини англадим. Цунами каби офатлардан сўнг, бу синдром касаллик эмас, балки саломатлик белгисидир. Бундай вазиятда ким ҳам шок ҳолатига ёки стрессга тушмайди?» Ҳукумат ўз жонига қасд қилганлар сонининг кўпайишидан хавотирда – шундоқ ҳам Япония шу бўйича дунёдаги биринчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳали Фукусима ҳам бор – бу шаҳар яқинида атом электр станцияси жойлашган бўлиб, у ҳали ҳам Япониядаги янгиликларнинг асосий диққат марказида. Биз унга яқинлашган сари, Гейгер ҳисоблагичи биз соатига олаётган нурланиш кўрсатгичини ҳисобларди. Цунамидан вайрон бўлган ҳудудлардан фарқли ўлароқ, Фукусимада уйлар, дўконлар, ибодатхоналар ва офис бинолари зарар кўрмади. Тўлқин уларга етиб бормади, лекин улар ҳамон кимсасиз эди. Радиация ва янги реактор портлашлари хавфи туфайли ҳукумат бу шаҳарни «ёпиқ ҳудуд» деб эълон қилди ва энди унинг кўчаларида фақат ёввойи ёки ташландиқ уй ҳайвонлари кезмоқда. Фукусиманинг собиқ аҳолиси Япониянинг ичкарисига сургун бўлган. Баъзи шифохоналарда уларга хизмат кўрсатишдан бош тортадилар ва бошқа ҳудудларда истамай ишга олишади. Ўлганларнинг жасадларини дафн этишга тайёрлашга рози бўлган дафн маросимининг эгаси маҳаллий қаҳрамонга айланди. Японияда бу муҳим маросим, аммо радиоактив касалланишдан қўрқиб, ҳеч ким бу ишни бажаришга журъат эта олмади. Фукусимадан омон қолганлар ирсий нуқсонлардан қўрқиб, ўз фарзандларига «Бола туғманг!» дейишади. Табиатан оғир–босиқ сабр–бардошли бўлмиш кўпчилик японияликлар, ҳеч қандай ҳис–туйғуларга берилмасдан, менга ўз ҳикояларини бир хилда айтиб беришарди. Аммо бир аёл ўзини бошқача тутди. У биносини йўқотгани сабаб энди босмахонага йиғилаётган жамоат хизматига бориш учун кечаси вақтинчалик қилинган йўллар орқали машинани бошқариб бир соатдан ортиқ вақтини сарфлади. Японча пардозлаш услубига мос равишда унинг юзи қалин оқ пардоз билан қоплангани учун у чинни қўғирчоққа ўхшарди. Унинг ўткир нигоҳли қора кўзлари деярли пирпирамасдан менга тикилиб турарди. «Мен икки кунни ахлат уюми ва вайроналар остида ўтказдим! – деди бу аёл. – Кейин эса бировнинг қўли менга мана бундай чўзилаётганини кўрдим, – гарчи бундай имо–ишоралар японлар учун мутлақо одатий бўлмаса–да, у тўсатдан қўлимдан ушлади. – Мен уни ушлаб олдим ва улар мени ташқарига чиқариб олишди. Мен боримни йўқотдим: оиламни, дўстларимни, туғилиб ўсган шаҳримни. Ҳеч ким у ерга қайтишни хоҳламайди. Шаҳар энди йуқ. Илтимос, бизни унутиб қўйманг! Улар мен ҳақимда узоқ вақт эсламадилар, энди эса менинг шаҳримни ҳам унутиб қўйишди. Сабабини билмоқчиман: нега!» Нега? Оҳ, қани энди биз бу асрий саволга жавоб бера олсак эди! Сарайеводаги воқеалар ва бошқа урушлар учун биз беҳисоб азобларга сабаб бўлган инсоний ёвузликни айблашимиз мумкин. Ньютаунда, Бостонда содир бўлган воқеалар ва шунга ўхшаш бошқа фожиаларни руҳий касалликлар, радикал мафкуралар, қурол–яроғ қонунларининг нотўғрилиги ва бепарво ота–оналар билан боғлашимиз мумкин. Лекин цунами ва кимнидир айблай олмайдиган бошқа табиий офатларни, биз «Худонинг ишлари» деб таърифлаймиз. Бундай табиий офатлар агностиклар учун нотиқлик бўйича рақобатлашиш имкониятидир. 1755 йилги зилзиладан сўнг, Португалияда Лиссабон вайрон бўлган барча авлиёлар кунида Вольтер ва бошқа Маърифат асри мутафаккирлари «мавжуд оламларнинг энг яхшиси» ҳақидаги эътиқодни рад этишди. 2004 йили Мавлуд байрамининг эртаси куни яна бир цунами Осиёда 280.000 кишининг ҳаётига зомин бўлганида, «State» журнали «Худога айтиб қўйинг: бу сафар У жуда ошириб юборди» сарлавҳали мақола чоп этди. Унда Хезер Макдональд шундай деб ёзган эди: «Худога бойкот эълон қилиш вақти келди» – Инсон ҳаётининг маъносиз якунланишини пассив тарзда кузатиб туриши, эртаси куни эса жамоатлар, синагогалар ва масжидлар тирик қолганларнинг омон қолишларига имкон бергани учун Унга шукроналик келтирувчи имонлилар билан тўлиб–тошишишни Худо билади. Агар хоҳлаганида эди, – бу офат умуман бўлмаслигини эътибордан четда қолдириб, ундан ярадорларга шифо беришини сўраб илтижо қиладилар... Қандай қилиб Худони ҳаракат қилишга ундаш мумкин? У яхшиликларни Ўзига олади ва ёмонликлар учун ҳеч қандай айбни тан олмайди. Православ илоҳиётшуноси Дэвид Бентли Харт скептикларга ўзининг «Денгиз дарвозалари. Цунами пайтида Худо қаерда эди?» номли китобида жавоб беришга жасорати етарли эди. Оммавий фожиалар имонсизларни ғазаблантириши мумкин, – дейди у, – лекин аслида улар бизга яшаётган дунё ҳақида ҳеч қандай янги нарсани ўргатмайди. Фалокатлар кўлами асосий муаммоларнинг моҳиятни ўзгартирмайди. Бизнинг сайёрамизни азоб, ёвузлик ва ўлим вайрон қилмоқда, фалокатлар эса фақат концентрацияланган шаклда бу машҳур бахтсизликларни ифодалаб бераяпти, холос. Йўл давомида мен азобларни ҳисоблаш учун барча уринишлар беҳуда эканлигига амин бўлдим. 2004 йилдаги цунами 2011 йилдагига қараганда кўпроқ одамнинг ҳаётини олиб кетгани учун ёки «Сэнди–Хук» бошланғич мактабига нисбатан Виржиния Политехника университетида кўпроқ талабалар вафот этган бўлса, бири бошқасидан кўра кўпроқ фожиали бўлмайди. Худди шундай, бош оғриғи ёки сурункали чарчоқ синдроми бор одамга нисбатан, масалан, ОИТС ёки Эбола вируси туфайли бировнинг аҳволи анча оғир эканлигини эшитиб енгиллашмайди. Ҳар қандай азоб – бу азоб. Клайв Льюис айтганидек, «Дунёда азоблар йиғиндиси деган нарса йўқ». Бу файласуфлар томонидан ихтиро қилинган мавҳумлик (абстракция)дир. Шунчаки рухи азобланаётган одамлар бор ва нима учун Худо бунга рухсат бераётганини қаердан билиш мумкин? Ҳар сафар фожиа содир бўлган жойларга ташриф буюрганимда, оммавий ахборот воситалари бизнинг воқеликларни қабул қилиш хусусиятимизга қандай таъсир кўрсатаётганига ҳайрон қоламан. Мен вафот этган ўттиз уч кишидан иборат гуруҳ ҳақида билган ҳолда Виржиниа Политехника университетига йўл олдим. Телешарҳловчилар қайта–қайта «бу АҚШ тарихидаги энг катта оммавий қатл бўлган» деб такрорлашарди. Бироқ, ўлганларга бағишланган ёдгорликлар орасида айланиб юрганимда, мен қандайдир мавҳум гуруҳ эмас, балки Раян, Эмили, Хуан, Валид ва Жулия – ўттиз уч шахс билан учрашдим. Шахсий буюмлар уларнинг ноёб ҳаётини эслатиб турарди: бейсбол коптоги, паҳмоқ айиқча, «Буюк Гетсби» романининг томи, «Starbucks» идиши. Мен Коннектикут штати, Ньютаун шаҳридаги қурбонларнинг оилалари билан учрашиб, болаларнинг уй ҳайвонлари, уларнинг ака–ука ва опа–сингиллари ўртасидаги низолари ҳақида эшитганимда ҳам худди шуни ҳис қилгандим. Япониядаги чинни қўғирчоқ юзли аёлнинг кўз ёшлари мен учун дил рози бўлди, мен ўша цунами ҳақида ўқиган ҳар қандай статистик маълумотлардан анча таъсирлироқ эди. Биз азобларга ёлғиз чидаймиз. Улар худди бизни иҳоталаб қўйгандек ва бу кимнинг чекига тушган бўлса, унинг кўламининг аҳамияти йўқ. Хатто цунами каби улкан офатлар ҳам шахсий зарбаларгача кичраяди: болалар ўйин майдончасидан ювиб кетилган боғча боласи; бир кечада йўқ қилинган оилавий бизнес; ҳафталар ўтган бўлса–да, ҳар бир ер қимирлаши билан даҳшатга тушадиган ўсмир; радиациянинг кўринмас таҳдидидан умумий қўрқиш. Кейинчалик ўз китобида илоҳиётшунос Харт шубҳа қилувчилар (скептиклар)нинг далилларида яширинган сирли истеҳзога эътибор қаратади: «Улар ўз–ўзидан масиҳий маданиятининг ахлоқий олами томонидан шакллантирилган ғоялар ҳақида ҳеч қачон ўйламаган бўлишарди». Энг кескин овозлар оммавий фожиаларга худди иймон тобутига сўнгги михни ураётгандек ҳужум қилади. Қандай қилиб яхши Худо бундай офатларга йўл қўйиши мумкин? Гарчи бу савол муқаррар ва чуқур сирга тўла бўлса–да, у фақат диний эътиқод контекстида қўлланилади. Танқидчилар ўз эътиқодларига кўра жавоб беришлари керак: «Нега изтиробга тушгансиз ва хафа бўлгансиз? Тартибсиз бефарқликнинг эгасиз коинотидан яна нимани ҳам кутиш мумкин?» Аслида эса, Муқаддас Китоб скептиклар ишлатган эътирозлардан ҳам кучлироқ эътирозларни таклиф қилади. Университетларда маърузалар ўқиганимда, мен баъзан тингловчиларни Калом саҳифаларида аниқ ифода этилмаган Худога қарши далилларни топишга чақираман – хоҳ у Вольтерники бўлсин, хоҳ Бертран Расселл ва Девид Юм каби классик атеистларники ёки марҳум Кристофер Хитченс, Сэм Харрис ва Ричард Докинз каби замонавий атеистларники бўлсин. «Сиз Худони ва Унинг дунёга оид тамойилларини рад этишда эркинсиз, – дейман мен, худди шуни кутиб турган талабаларга. – Аммо шахсан мен Худони эъзозлайман, У бизга нафақат Уни рад этиш ва ҳатто Ўғлини хочга михлаш эркинлигини беради, балки Муқаддас Битикларимизга рад этиш сўзларини ҳам киритган». Мана бир нечта мисол: * Гидўн (фариштага юзланиб): Агар Эгамиз биз билан бирга бўлса, нима учун бу кулфатлар бошимизга тушган экан?! * Аюб: Ўлдиряпти! деб бақирсам ҳам, менга ҳеч ким жавоб бермайди. Фарёд қиламан, лекин адолат йўқдир. * Забур: Турсанг–чи, нега ухлаётгандайсан, эй Раббий?! Қани, бўл, бизни то абад рад этмагин. * Воиз: Беҳуда! Беҳуда! Ҳаммаси беҳудадир!” * Ишаё: Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан. * Еремиё: Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан? Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан? * Исо: Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?! Нега мендан узоқдасан шу қадар?! Ёзувчи Энн Ламотт бундай норозиликни олқишлайди. «Тўғрисини айтсам, сиз Худога яқин эканингизга аминман. Унга: «Мен чарчадим ва сўз билан айтиб бўлмайдиган даражада тушкунликка тушиб қолдим. Айни дамда мен Сени умуман ёқтирмайман ва мен Сенга имон келтирганларнинг кўпчилигидан ўзимни четга оламан», – деб, балки ҳаётингиздаги энг ҳалол иқрорни келтирган бўласиз. Агар сиз Худога: «Ҳаммаси жуда умидсиз ва мен Сен аслида мавжудлигинг тўғрисида тасаввурга ҳам эга эмасман. Лекин ёлвораман, менга ёрдам бер», – деб илтижо қилсангиз ва самимий – чиндан ҳам самимий – бўлишга жасорат топганингизда менда сиз учун фахр ила кўз ёшлари келиши мумкин. Мен сиз билан дарҳол кечки овқат столига ўтиришни хоҳлаган бўлардим». Муқаддас Китоб бундай нолаларга қандай жавоб беради? Одатда – сукут сақлайди. Энг кам азобларга лойиқ бўлган, лекин энг кўп азоб чеккан бахтсиз одам – Аюб ва ниҳоят Худодан сўраган қабулга эришади ва У Муқаддас Китобда ёзилган энг узун нутқ билан унга жавоб берди. Ажабо, Худо Аюбга ажойиб шеър услубидаги табиат оламига саёҳат қилиш билан жавоб беради, лекин ҳеч қачон «нега?» деган саволнинг яқинига ҳам келмади. Фредерик Бюхнернинг сўзлари билан айтганда, «Худо тушунтириб ўтирмайди. Унинг жаҳли чиқади. Аюб ўзини ким деб ўйлаяпти?! деб сўрайди. Худонинг айтишича, Аюбга талаб қилаётганини тушунтиришга ҳаракат қилиш худди шиллиққуртга Эйнштейн назариясини тушунтиришга ўхшайди... Худо Ўзининг буюк режасини ошкор этмайди. У Ўзини очиб беради». Шунда, Худо нозик киноя билан, фақат Аюбнинг шафоати орқали бу бахтиқарони айбловчи илоҳиёт билан қийнаган дўстларини тинглашини эълон қилади. Улар Аюб билан «ерда етти кун ва етти кеча» индамай ўтириб яхши бошладилар. Аммо улар оғиз очишлари биланоқ муаммолар пайдо бўлди. Мен кўпинча ўзимга–ўзим, нега Муқаддас Китоб азоб муаммосини тизимли равишда тушунтирмайди? – деб савол берардим. Пайғамбарлар Исроилнинг азобларини сабаб сифатида кўрдилар, лекин ўз огоҳлантиришларини олдиндан айтиб беришларини ва агар халқ ўз хатоларини тўғирласа, муаммони ҳар доим ҳал қилишга ваъда беришарди. Исо сабаблар ҳақидаги саволларни четга суриб қўйди, азоб сифатида фарзийлар ва шогирдларнинг «ўтиб бўлмайдиган» назарияларини рад этишни хоҳлаган ҳолатлардан ташқари. Муқаддас Китоб муаллифларининг кўпчилиги «Нега яхши одамлар билан ёмон нарсалар содир бўлади?»1 – деган савол устида бошларини қотириб кўрмаганлари аниқ. Улар бу дунёга душман ҳудуди, ёлғоннинг отаси, бахтсизликнинг сеҳргарлари томонидан бошқариладиган бузилган сайёра сифатида қарашган. Шайтоннинг уйидан яна нимани кутишимиз мумкин? Бу дунёнинг шаҳзодаси Исога ердаги муаммоларни йўлдан оздирадиган даражада тез ҳал қилишни таклиф қилганда, у ўзининг ҳокимиятга бўлган такаббур даъволари устидан кулмади, аксинча шунчаки рад этди ва секинроқ, қийинроқ, аммо шунга қарамай ишончли йўлни танлади. Ўз эътиқодига жиддий ёндашадиган япон буддавийлари (ва улар озчиликни ташкил қилади) ўликларнинг руҳлари ўзига хослиги (индивидуаллиги)ни йўқотиб, коинот бирлиги билан қўшилиб кетадиган вақтни интиқлик билан кутишади. Дунёвий атеистлар миллионлаб йиллар ўтиб, қуёш ёниб кетган гугуртдай ўчганда, сайёрамиз жонсиз бўлиб қолишига тан беришди. Бундан фарқли ўлароқ, масиҳийлар ўлим – «охирги душман» йўқ бўлиб кетадиган вақтга умид боғлайдилар ва Худо ёмонларни яхшилардан, ўлимни ҳаётдан ажратишини ва барча муаммоларни якуний ҳал қилишда тана ва руҳларни тирилтиришига ишонадилар: «Мана, мен ҳамма нарсани янгидан яратаман». Бир марта Чикагодаги боланинг дафн маросимида қатнашган эдим, унда жамоат чўпони мотамсаро оилани ҳайратга солди. Тобутга кўз ташлаб, тўсатдан: «Лаънати бўлгин, ўлим!» – дея мотам нутқини тўхтатди. Бироқ, ўзини тезда қўлга олиб, қўшиб қўйди: «Мен Худони эмас, балки ўлимни лаънатлаяпман. Худо ҳам уни лаънатлашни ваъда қилган». Бизнинг ягона умидимиз Илоҳиётшуносларнинг айтишича, биз таназзулга юз тутган сайёрада яшаяпмиз. Бунга шубҳа қиладиган ҳар бир киши Японияга ташриф буюриши керак. Мен кучли зилзилани олдиндан айтган сейсмологларнинг ҳисоботларини ўқидим, улар Тохоку қирғоғидан етмиш километр узоқликдаги эпицентрни эмас, балки, янада жиддий вайронагарчиликка олиб келиши мумкин бўлган Токионинг жануби ҳақида айтишганди. Ва у содир бўлди ҳам. Зилзила шу қадар кучли бўлдики, у ер ўқини силжитиб, кунни бир неча микросекундга қисқартирди, бу эса бутун дунё бўйлаб GPS–кузатув станцияларининг ишдан чиқишига олиб келиб, 1945 йилда Японияга ташланган атом бомбаларининг кучидан 600 миллион баравар кўп энергияни чиқариб юборди. Шу билан бирга, 2011 йилда айнан ҳалокатли тектоник кучлар бир вақтлар Япония оролларини шакллантирган. Сайёрамиз бўйлаб намликни тақсимловчи иқлим тизимлари учун шу даражада жуда катта зарар келтирадиган бўронлар ва циклонлар асосий роль ўйнайди. Ҳар қандай нуқтаи назардан қараманг – табиийми ёки илоҳийми – бу дунё «жараёнда». У чала, тугалланмаган ва мукаммал эмас. Одам Атодан бошлаб биз одамларга бошқарув вазифалари юклатилган: тиканлар ва қушқўнмас ўртасига боғлар экиш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш, цивилизациялар қуриш. Худо суратида яратилган ўзига хос «бўйсунувчи яратувчи» сифатида биз тартибсизликдан тартибни ажратиб олиш учун жавобгармиз. Тан олиш керак, биз улкан муваффақиятларга эришдик. Икки юз йил аввал, болаларнинг ярми беш ёшга тўлмасдан вафот этарди ва ўртача умр кўриш ўттиз беш йил эди. Биз дарёларни ўзлаштирдик, осмонни тезкор трассага айлантирдик, қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиш йўлларини ихтиро қилдик ва бутун дунёни электрон тармоқ билан ўраб олдик. Бироқ, бу ютуқлар қимматга тушди: ресурсларнинг камайиши ва аҳоли сонининг кўпайиши; атроф–муҳитнинг ифлосланиши ва унинг иқлимга таъсири; бировнинг бошқалар ҳисобига қулайликда яшашига имкон берувчи адолатсизлик. Тарих олдинга қараб олға юрмоқда ва шу ўтган вақт ичида танқидчиларнинг айбловларига кўра, Худо «қўл қовуштириб ўтирган». У Европа ҳукмдорлари қитъаларни бўлиб олаётганида ва Янги Дунё миллионлаб қулларни олиб келганида ёки кўплаб геноцид уринишларининг энг машҳурида нацистлар «танланган халқни» ер юзидан йўқ қилишга ҳаракат қилганда аралашмаган. Негадир Худо тарихга ўз йўли билан кетишига йўл қўйиб беришга қарор қилган. Нега? Бизда Аюб олганидан кўра аниқроқ жавоб йўқ. Бизнинг ягона мустаҳкам умидимиз – ва у содда оптимизмдан тубдан фарқ қилади! – ўлиш ва тирилишни ўз ичига олган Исонинг тарихи Худо бутун сайёра учун нима қилишининг аниқ тимсолидир. Оптимизм вазият яхши томонга ўзгаришига ваъда беради, бироқ масиҳийча умид мавжудот ўз қиёфасини ўзгартиришига ваъда беради. Унгача Худо – бу қанчалик даҳшатли бўлмасин – ҳар қандай ёвузлик ёки табиий офатга аралашмасликни афзал кўради. Бунинг ўрнига, У бизни душман ва разил дунё ўртасида аралашув агенти бўлишни тайинлаган. «Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир», – деди Исо бизга тақлид учун намуна ҳадя қилиб, ҳайрон қолган шогирдларига топшириқнинг охирги ваколатларни бошқариш ҳаракати пайтида. «Сизлар билан сўзлашишга деярли вақтим қолмади. Чунки бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори келяпти. У Менга ҳукмини ўтказа олмайди. Лекин дунё билсинки, Мен Отани севаман, Ота Менга неки буюрган бўлса, худди шуни бажараман». Бу сўзлардан сўнг, Исо азоб–уқубатларга тўла бўлган узоқ тунни кутиб олди, унга қарши астойдил ибодат қилди, лекин унинг олдини олиш учун Ўз ҳокимиятидан фойдаланишдан бош тортди. «Бутун коинот, туғилаётгандаги каби, ҳозиргача нола ва азоб чекмоқда», – деди бизнинг сайёрамизнинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган Павлус римликларга. Бизнинг ягона умидимиз – бу коинотдаги қандайдир қайта туғилиш жараёнида яратилиш «ўлим қуллигидан халос бўладиган» радикал аралашувдир. Шу пайтгача азоб ҳақидаги саволга жавоб, ҳатто биз уни тушуниш қобилиятига эга бўлсак ҳам, қониқарли тарзда жарангламайди. Аюб сингари, биз ҳам барча қарши далилларга қарамай имонга ёпишиб, бутун бир тасвир учун Худога ишонган ҳолда, тасвирнинг фақат кичик бир қисминигина қамраб оламиз. Мен қуйидаги хулосага келдим: Имон – фақатина ортга қараганингизда мазмун касб этадиган дастлабки ишончдир. Урғунинг силжиши Балки, Муқаддас Китоб «Нима учун?» деган саволга жавоб беришдан қочишида қандайдир яширин наф бордир. Жавобни билиш эътиборни азоб чекаётган одамдан азобларга сабаб бўлган ҳолатларга қаратади, бу эса муҳтож бўлган кишига унчалик фойда келтирмайди. Мисол учун, Исонинг шогирдлари кўр туғилган одам ҳақида: «...кимнинг гуноҳи...<…>…сабабчи бўлди? Ўзиникими ёки ота–онасиникими?» – деб савол беришди. Ҳар қандай вариантни танлаш кўрларга раҳм–шафқатни уйғотмайди. Шогирдлар, эҳтимол, ўзларининг ахлоқий устунлигидан завқланиб, тилларини югуртириб, бечора айбига ярашасини олганига ишонч билан кетишган бўлар эди. Бунинг ўрнига, Исо азобларга жазо тарақасида қараш назарияларини рад этди (худди Худо уларни Аюбнинг художўй дўстларига қўрқинчли нигоҳ билан қараганидек) ва диққатини кўрликнинг ўзига қаратди. Катта фалокатдан сўнг, биз ҳиссий равишда сабабларга эътибор қаратамиз. «Челленжер» космик кемасининг портлашига ростдан ҳам зичлама халқанинг нуқсони сабаб бўлганми? ФҚБ (федерал қидирув бюроси) 2001 йил 11 сентябрдаги терактларни ёки Бостон марафонидаги портлашнинг олдини олиши мумкинмиди? Тўлқинларни кесувчи баланд тўсиқ Тохокуга ёрдам бера олармиди? Қандай руҳий ҳолат Адам Лэнзни «Сэнди–Хук» мактабига ҳужум қилишга ундади? Бундай ёндашув келажакдаги фожиаларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан қимматли бўлса–да, жабрланганларнинг ўзига унчалик фойда келтирмайди. Фукусима атом электр станцияси яқинидаги уйлардан эвакуация қилинишга мажбур бўлган японларни эсладим. Энди улар муқаррар соғлиқ муаммоларидан қўрқиб, вақтинчалик яшаш жойларида қувғинда яшайдилар. Ҳа, олимлар ва муҳандислар айнан қайси конструктив камчиликлар реакторнинг ҳалокатига сабаб бўлганини ўрганиб чиқишлари керак, аммо улар бу билан шуғуллангунларича, жабр кўраётганлар нима қилади? Янги Аҳддаги азоб–уқубат ҳақида гапирадиган деярли ҳар бир парча диққатни сабабдан реакцияга ўтказади. Гарчи биз коинотимизнинг жуда кўп ёвузлик ва азобларга йўл қўйиб берадиган умумий мақсадини тушуна олмасак ҳам («нима учун?» деган савол), аммо бизнинг муносабатимиз иккита муҳим жиҳатни акс эттириши мумкин. Биринчидан, биз азоб–уқубатларнинг ўртасида ҳаётнинг маъноси ва қийматини топа оламиз. Иккинчидан, биз муҳтожларга ҳақиқий амалий ёрдам бера оламиз. Клайв Льюис ўзининг «Оғриқ» китобида шундай деб таъкидлайди: «Худо роҳатларимиз ўртасида бизга шивирлайди, виждонимизга овоз чиқариб гапиради, лекин У бизнинг дардларимизда қичқиради – бу, қулоғи битган дунё эшитиши учун Унинг мегафонидир». Мен Льюис билан баҳслашишни ўзимга эп кўрмайман, лекин барибир бу сиймо менда ноқулайлик ҳиссини уйғотади. Майдон четида турган футбол мураббийининг ўйинчиларга бақириши эсга тушади ва баъзи китобхонлар шундай метафорадан хулоса қилишлари мумкин – Худо бизнинг эътиборимизни жалб қилиш учун азобларни тарқатади. Менимча, Льюис бундай фикрни назарда тутмаган ва шунинг учун мен мегафон сиймосини эшитиш аппаратига ўзгартирган бўлардим. Азоб–уқубатлар келар экан, улар биз жабрланувчиларга овозини баландлатиш ва биз эътиборсиз қолдирадиган муҳим хабарларни тинглаш имкониятини беради. Албатта, мен ўзимда оғриқнинг бундай кучайтирувчи таъсирини бошдан кечирганман. 2007 йилги автоҳалокатда бўйнимнинг синиши мени никоҳимни, эътиқодимни ва қолган умрим учун режаларимни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Мен умуртқа замбилига камар билан боғланган ҳолда бош артериям шикастланган ёки йўқлиги ҳақидаги хабарни эшитишни кутиб ётарканман (шифокорнинг айтишича, у ҳолда менинг умрим бир неча дақиқадан кўп бўлмайди), фақатгина ўйлаб кўришга арзийдиган атиги учта савол ҳақида ўйлай олардим: «Мен кимни севаман? Ҳаётимни нима қилиб қўйдим? Кейинги воқеаларга тайёрманми?» Албатта, илгари бу саволларни ўйлаб, ҳаётимни тарозида тортиб кўриш учун ҳеч ким менга ҳалал бермаган, лекин энг муҳим нарсага эътибор қаратишим учун жароҳатли бахтсиз ҳодиса керак бўлди. Немис шоири Райнер Мария Рильке шундай деган эди: «Агар биз ўз билимимиз чегарасидан узоқроқ нарсани кўра олганимизда эди... у ҳолда биз қувончимиздан кўра қайғуларимизга кўпроқ ишонган бўлардик. Ахир, бу лаҳзаларда бизга қандайдир янги, нотаниш нарсалар сингиб кетади... ичимиздаги ҳамма нарса сусаяди, сукунат туғилади ва янгиси... бу сукунат орасида туриб, жим қолади». Цунамидан кейин Япония ёшлари орасида Рилке айтган ўзгаришларга ўхшаш ўзгаришлар юз берди. Йиллар давомида ота–оналар иқтисодий турғунликнинг Япониянинг «йўқолган ўн йилликлар»даги эрка ёшларига таъсиридан норози бўлиб қўлларини буришди. Ушбу нотинч авлодни тасвирлаш учун япон социологлари атамаларнинг бутун каталогини туздилар: онгли равишда, мансаб фаолияти нуқтаи назаридан мураккаб бўлмаган, истиқболсиз касбларни танлайдиган фритерлар; ўзларини жамиятдан ажратадиган хикикомори (уларнинг баъзилари ётоқхонадан чиқишга ҳам журъат этмайдилар); энг янги электрон гажетларни сотиб олиш ва энг янги урфда кийиниш учун ота–онасининг бошига чиқиб олиб, уларнинг уй–жойи ва овқатидан мамнун бўладиган паразитлар. Ҳаммани ҳайратда қолдиргани, зилзила ва цунамидан кейин бу инерт ёшлар қиш уйқусидан уйғонгандек бўлди. Улар ихтиёрий равишда бошпаналарда ва озиқ–овқат тарқатиш марказларида ишлаш учун кўнгиллилар сафига ёзилишди, жабрланганларга ёрдам бериш учун пул хайрия қилишди ва эвакуация қилинганларни оилалари билан бирлаштириш ва ҳукуматни атом электр станциясидаги ҳалокат билан боғлиқ масалаларни хабар қилишда очиқроқ бўлишга ундаш учун ижтимоий тармоқдан фойдаланиш қобилиятларини ишлатишди. Қолаверса, улар ядровий реакторларнинг йўқотилиш ўрнини қоплаш учун электр энергиясини тежаш бўйича ҳукумат кампаниясини бошқариб, бошқаларга ўрнак бўлишди. Тўртта турли нацистлар концлагерига тушиб омон қолган Виктор Франкл кейинчалик ўзининг психотерапия мактабига асос солди. У биз учун энг кучли рағбатлантирувчи куч бу ҳаётнинг маъносини излаш деган хулосага келди. Франклнинг сўзларига кўра, бундай маънони топишнинг асосий усулларидан бири бу муқаррар азобларга жавоб беришдир. «Умидсизлик – маъносиз азоб», ​​деб ёзади у. «Инсондан ҳамма нарсани тортиб олиш мумкин, фақат битта нарса – унинг сўнгги эркинлиги: ҳар қандай ҳолатда ҳам, унинг содир бўлаётган нарсага муносабатини танлаш эркинлигидан ташқари». Япония халқи бизга табиий офатга жавоб бериш намунасини тақдим этди. Оммавий ахборот воситалари камтарлик ва сабр–тоқатни, ҳақиқатан ҳам япон халқига хос бўлган сабр–бардошни тараннум этишди ва улар бунга тўла муносиб. Кўп ҳолларда фалокатдан кейин бошланадиган кафандуздлик (мародёрлик)дан фарқли ўлароқ, японлар ихтиёрий равишда деярли 100 миллион доллар эквивалентидаги нақд пул ва қимматбаҳо нарсаларни қайтариб беришди. Цунамидан кейинги ҳафталарда минглаб эвакуация қилинганлар спорт заллари ва гавжум вестибюлларда ухлаб, бир шиша сув ва бир пиёла гуруч олиш учун соатлаб навбатда туришди. Мен зилзиладан бир йил ўтиб борганимда, чорак миллион японлар ҳали ҳам қурилиш майдончаларида учрайдиган тўртга ўн икки метрли тиркамаларда, вақтинчалик уйларда яшашарди. Уларнинг муносабати Янги Орлеандаги «Катрина» тўфони ортидан келган норозилик ва қонунсизликдан кескин фарқ қилар эди. Афсуски, Япония табиий офатларни бартараф этиш бўйича катта тажрибага эга: 1923 йилда Канто зилзиласи 140 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди; 1995 йили Кобе зилзиласида 6400 киши ҳалок бўлди ва 100 миллиард доллар моддий зарар келтирди. Аммо энг муҳими, уч миллионта ўлим олиб келган ва кўплаб шаҳарларни вайронага айлантирган Иккинчи Жаҳон уруши кулидан бу халқ қайта кўтарилди, радиоактив нурланишнинг доимий лаънати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. «Ёрдамчиларни изла» Ҳар қандай жамиятнинг асл кучи ўзининг энг заиф аъзоларига қиладиган муносабатида кўринади ва Ғарбда биз Япония мисолидан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Японларнинг нотинч авлоди тушунганидек, ҳатто эҳтиёжга жавоб бериш жараёни ҳам ҳаётни янги мазмун билан тўлдириши мумкин. Антрополог Маргарет Мид маъруза пайтида тингловчиларга кўпинча савол берарди: «Фикрингизча, цивилизациянинг энг биринчи белгиси нима?» У «кулолчилик», «темирдан ясалган меҳнат қуроллари» ва «биринчи хонакилаштирилган ўсимлик» каби жавобларни эшитарди, кейин эса эълон қиларди: «Мана менинг жавобим», – ва боши узра одамнинг оёқдаги энг катта сон суягини кўтарганча, синиш жойидаги битиб, йўғонлашган суякка ишора қиларди. Мид таъкидлаганидек: «Бундай шифоланиш белгилари энг қадимги ва энг ёввойи жамоаларнинг қолдиқлари орасида ҳеч қачон учрамайди. Уларнинг скелетларида биз зўравонлик белгиларини топамиз: ўқ тешиб ўтган қовурға; тўқмоқ билан синдирилган бош суяги, – аммо тузалиб кетган суяк жароҳатланган одамга кимдир ғамхўрлик қилганини кўрсатади: унинг ўрнига ов қилган, унга овқат олиб келган, унга хизмат қилган, ўз зарарига ниманидир қурбон қилган. Табиатнинг «энг кучлилар омон қолади» қоидасидан фарқли ўлароқ, биз одамлар цивилизацияни энг заиф ва азоб чекаётганларга бўлган муносабатимиз асосида қадрлаймиз. Болалар телекўрсатуви бошловчиси Фред Рожерснинг айтишича, у болалигида қандайдир фалокат ёки табиий офат ҳақида эшитса, онаси унга: «Ёрдамчиларни топгин, Фред. Ҳар сафар даҳшатли воқеа содир бўлганда, ҳар доим ёрдамга шошиладиганлар топилади» дерди. Биз АҚШда бунинг ёрқин мисолини Техасдан ўнта ўт ўчирувчи ёнаётган ўғит заводига борганида ва портлаш оқибатида уларнинг барчаси ҳалок бўлганида кўрдик. Бостон марафонида биринчи бомба портлагандан сўнг томошабинлар тарқаб кетишган, тиббиёт ходимлари эса ярадорларга шошилиб, иккинчи портлаш қурбони бўлишган. Қирқ километрлик масофани эндигина босиб ўтган баъзи югурувчилар қон топшириш учун энг яқин шифохоналарга югуришда давом этишган. Ўша оқшом минглаб Бостонликлар кечки овқат ва турар жойга муҳтож бўлган марафон меҳмонлари учун эшикларини очдилар. Коннектикут штатидаги Ньютаун шаҳри Япониядаги фалокатга нисбатан ҳайратланарли жамоатчилик муносабатини кўрсатди. У нисбатан кичикроқ ва тўғридан–тўғри одамларнинг ўзлари томонидан юзага келган. «Сэнди–Хук» бошланғич мактаби рўпарасида яшовчи нафақадаги психологлардан бири эрталаб 14 декабр куни деразадан ташқарига қараб, ғайриоддий суратга кўзи тушади: тўрт қиз ва иккита бола ўқув кунининг ўртасида унинг уйи олдидаги майсазорда ўтиришарди. Уларга яқинлашар экан, болалардан бири хитоб қилди: «Биз мактабга қайтолмаймиз! Ўқитувчимиз Сото хонимни ўлдиришди. Энди ўқитувчимиз йўқ». Болаларни уйга таклиф қилиб, нафақахўр уларга ўйинчоқлар олиб келди ва суҳбат давомида нима бўлганини билишга ҳаракат қилиб, уларни шарбат билан сийлади. Кейин у ҳукуматдагиларга қўнғироқ қилди. «Бу ерда мутахассислигим психолог эканлигининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, – деди у кейинчалик уни мақтаган янгиликлар репортерига. – Мен шунчаки бобо каби муносабатда бўлдим». Отишмадан кейинги кунларда юзлаб кўнгиллилар яқин атрофдаги шаҳарчада бўш қолган мактаб биносини «Сэнди–Хук» ўқувчилари учун тайёрлашга киришишди. Улар эски мактабдан мебель ва парталарни олиб келишиб, янги мактабни ўзлари қолдирган мактабга иложи борича ўхшайдиган қилиб безатдилар. Ньютауннинг бирлашган жамоаси ўз қиёфасини мотам шаҳридан мотамни енгган шаҳарга ўзгартиришга қарор қилди. «Сэнди–Хук»да фарзандларини йўқотган баъзи оилалар билан суҳбатлашар эканман, мен бутун мамлакат бўйлаб ғамхўрлик ва ҳамдардлик тўлқини ҳақида эшитдим. Мактабдаги отишмадан олти ой аввал ўғлининг оиласига яқинроқ бўлиш учун Денвердан Ньютаунга кўчиб келган дўстим, кўп йиллар давомида бирга яшашни орзу қилган набирасини йўқотди. “Жамиятнинг жавоби ажойиб бўлди, – деди у. – Давлат патруль хизмати томонидан жабрланган ҳар бир оилага бир полиция ходими ажратилди, улар фожиадан кейин бир неча ҳафта давомида уларнинг хавфсизлиги ва журналистлардан ҳимояланишини таъминлади. Бу йигит оиламизнинг бир қисмига айланди. Музлатгичларимиз хайрия қилинган озиқ–овқат билан тўлиб кетди; Бизда Мавлуд байрами совғалари сон–саноқсиздир, маслаҳатчилар эса бизга керак бўлган вақтгача ўз хизматларини бепул беришга тайёр эди. Айни дамда турмуш ўртоғим билан манзилимизга келган ҳамдардлик билдирилган уч мингта хат ва хатларга жавоб бериш билан бандмиз”. Самимий ёрдамнинг барча кўринишлари ҳам ўз мақсадига ета олмади. Ньютаундаги бир маслаҳатчи менга шундай деди: «Мамлакатнинг турли бурчакларидан юборилаётган нарсаларнинг аксарияти қабул қилувчиларга эмас, балки хайрия қилувчиларга фойда келтиради. Бизда юк машиналарда айиқчалар ва бошқа юмшоқ ўйинчоқлар бор. Ҳаммаси бўлиб, биз улардан олтмиш мингдан ортиғини олдик! Хўш, мактабга олтмиш мингта юмшоқ ўйинчоқнинг нима кераги бор?! Уларнинг аксариятини етимхоналарга етказиб берамиз. Бу ерга барча штатлардан одамлар ўзларининг ихтиролари, бепул пишириқлари, уй ҳайвонлари ва маслаҳатлашув чодирлари билан келишади. Улар тонналаб маҳсулот олиб келишади. Шимоли–шарқда италияликлар жуда кўп ва музлатгичи тўлиб–тошган бир оила: «Илтимос, бошқа макарон керакмас!» – деб илтимос қилмоқда. Шу билан бирга, баъзи «ташқаридагилар» ўзларининг бирдамлилигини ифода этишнинг ғайриоддий усулларини топмоқда. Калифорниялик таниқли кулол ўлдирилган болаларнинг ҳар бирига бағишланган эсдалик вазалари устида иш бошлади. Мэрилендлик чевар аёл ўз ихтиёри билан йигирмата ўлдирилган боланинг ҳаётидан болалик фотосуратлари ва эсдалик совғалари тўқилган кўрпа–тўшак ясади. Бир гуруҳ рассомлар барча қурбонларнинг портретларини яратиш учун бирлашдилар. Бундай ҳамдардлик ҳаракатлари Ньютаун учун уларнинг йўқотишлари ҳақидаги умуммиллий ташвишнинг доимий далолатига айланди. Энг таъсирли ҳаракатлардан бири бошқа болалар томонидан амалга оширилди. Коннектикутдаги «Ота–оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар» Уюшмаси президенти «Сэнди–Хук»даги ота–оналардан бирининг таклифига биноан штатдаги мактабларга «Сэнди–Хук» ўқувчилари кўчиб ўтиши керак бўлган янги мактабни безаш учун оригами услубидаги қоғоз қор парчаларини ясашни сўраб электрон почта хабарларини юборди. Бу фикр вирус каби тарқалди. Икки кундан сўнг, қор парчаларининг биринчи қутилари Уюшма офисига етиб келди ва тез орада жигарранг UPS юк машиналари ва Давлат почта хизмати ярим тиркамалари ҳар куни барча штатлардан ва элликта мамлакатдан минглаб қутиларни етказиб бера бошлашди. «Бунақа бўлишини билмагандим, – деди Уюшма директори CBS телеканалининг камерасига, офиснинг ҳар бир бўш бурчагини ва яқин атрофдаги омборни тўлдирган қутилар тўпламини айланиб чиқиб. – Бу том маънодаги қор кўчкиси!» Ҳудуддаги барча мактабларни безагандан кейин ҳам уларда миллионлаб майда–чуйда ясамалар бор эди. Кўплаб қор парчалари болаларнинг қўли билан ёзилган хатлари билан келди. Баъзиларининг ичида целлофан билан ўралган ақчадондаги омонатлари ёки футбол ва бейсбол коллекцион карталари бор эди. «Мен йиғламоқчиман, – деди «Сэнди–Хук»даги биринчи синф ўқувчиларидан бири. – Улар ҳам бизга ўхшаган болалар». Хоҳ беўхшов ёки оқилона бўлсин, фожиа келганда, соғлом ҳамжамиятлар кулфатдан жабрланганларга албатта ёрдам қўлини чўзишади. Бунинг ортида оддийгина мактуб ётади: «Сиз кулфатда ёлғиз эмассиз». Идеал ҳолда, бу принцип фақат катта фожиалар пайтида эмас, балки ҳар доим ишлаши керак. Оғриқ муаммосини ўрганаётган университетлардан бири оёқларини музли сувда қанча вақт ушлаб туришини билиш учун кўнгиллиларнинг ёрдамига мурожаат қилди. Олимлар хонага ҳамроҳ рухсат берилган ҳолларда, ёлғиз азоб чекаётганларга қараганда икки баравар кўп чидаши мумкинлигини пайқашди. Тадқиқотчилар шундай хулосага келишди: «Бошқа ғамхўрлик кўрсатаётган одамнинг мавжудлиги чидаб бўлмас оғриқ чегарасини икки баравар оширади». Кўпинча, азоб ва ўлимни рад этадиган маданиятимиз бунинг аксини қилади: биз азоб чекаётган одамларни касалхоналар ва қариялар уйларига жойлаштирамиз, уларни оддий одамлар билан алоқа қилишдан ажратамиз. Ҳар уч бемордан иккитаси мана шундай муассасаларда ва кўпинча – ёлғизликда вафот этади. Барча тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, ғамхўр жамият билан яқин алоқада бўлган одам тезроқ ва самаралироқ тузалиб кетади. Руҳий зарба (стресс), айбдорлик, ғазаб, ташвиш ва ёлғизлик ҳисси каби таниқли «шифо душманлари» раҳм–шафқатли муҳит орқали энг яхши тарзда ҳал қилинади. Жарроҳликдан сўнг тузалиб кетаётганда тиббий хизмат тўловлари ва болаларингизга ёки ҳатто уй ҳайвонларингизга ким қараб туриши ҳақида қайғурмасангиз, тезроқ тузалиб кетасиз. Метастатик кўкрак бези саратони билан оғриган беморларда бир тадқиқот шуни кўрсатдики, бир йил давомида қўллаб–қувватлаш гуруҳига ташриф буюрган аёллар ўзларини яхши ҳис қилишган ва бундай гуруҳга бормаганларга қараганда деярли икки йил кўпроқ яшаганлар, гарчи бошқалар билан бир хил кимётерапия ва радиацион нурланиш курсларини олган бўлсалар ҳам. Кимдир лютеран епископидан сўрабди: «Аёл ўз ҳаётининг гуллаган даврида соғлиғи билан жиддий муаммоларга дуч келганида энг яхши маслаҳатни ким бера олади: жамоат чўпоними ёки бошқа маслаҳатчими?» Епископ шундай жавоб берибди: «У аёл ўтган йигирма йил давомида қайсидир дўстона жамият ҳаётида фаол иштирок этиши керак эди». Зиён етказиб қўйма Ҳаворий Павлус соғлом жамият ҳақида шундай деган: «Агар бир аъзо азоб чекса, қолган барча тана аъзолари у билан бирга азоб чекади. Агар бир аъзо юксалса, қолган барча аъзолар у билан бирга севинади». Бутун дунёга хоч рамзи ва «Мени хотирланглар» маросимида мунтазам иштирок этиши билан танилган Масиҳийлик жамоати азобланганларни қўллаб–қувватлашга ўзига хос ҳисса қўша олиши керак. Аммо, афсуски, мен кўпинча «жамоат вазиятни фақат ёмонлаштираяпти» деган гапни яна ва яна эшитаяпман. 2004 йилги қуёшли кунларнинг бирида Индонезиядаги цунами чорак миллион одамни қириб юборганида, геологлар буни океан тубидаги катта тўлқинни келтириб чиқарадиган улкан сув ости ёриғи билан изоҳладилар. Бироқ, баъзи телехушхабарчилар буни масиҳийларни таъқиб қилаётган минтақадаги «бутпараст» халқларга нисбатан Худонинг ғазаби билан боғлашди. Худди шундай руҳда, бир масиҳий етакчи 2011 йилги япон цунамисининг сабаби «Япония қуёш маъбудаси назорати остида» эканлигини айтди. Террорчилар Жаҳон Савдо Марказига самолётлар учиб 3000 кишини ўлдирганда, Виржиниядан таниқли фундаменталист ўз билдиришномаси билан чиқиб, бу ҳодисга «бутпарастлар ва абортларни қонунийлаштириш тарафдорлари; ўз ҳаёт тарзини фаол равишда мажбуран қабул қилдирувчи феминистлар, табиий жинсий муносабатни нотабиий муносабатга алмаштирганлар; «Америка фуқаролик эркинликларини ҳимоялаш иттифоқи»; «Америкача йўл тарафдорлари» ҳаракати... Мен уларнинг юзларига қарата: «Айнан сизлар буларнинг барчасига сабабчисиз» – деб айтаман». Ньютаун шаҳрида йигирма нафар бола ва олти нафар мактаб ходими қуролланган йигит қўлидан ҳалок бўлганида, таниқли радио бошловчи буни бизнинг аборт ва бир жинсли никоҳга кўникканимиз учун «ҳукм қилинишимизга рухсат берган» Худога боғлади. Радиода кўп чиқиш қиладиган яна бир жамоат чўпони ва сиёсатчи, Худо «бу бегуноҳ болаларнинг қирғинини тўхтатмасликка қарор қилди», чунки «биз Уни мактаблардан ҳайдаб юбордик» деди. Сохта нотиқларнинг шунга ўхшаш кескин баёнотлари матбуотда кенг шов–шувга сабаб бўлади. Ҳар қандай табиий офатдан сўнг, сиз Интернетга кириб, турли хил диний асосларни ўқишингиз мумкин, уларнинг ҳар бири – Аюбнинг дўстлари каби – содир бўлганларни Худо режасининг бир кўриниши сифатида тушунтиришга ҳаракат қилишмоқда. («Ўйлаб кўргин–чи, – деб насиҳат қилди Элифаз Аюбга, – қачон айбсиз инсон ҳалок бўлган?! Бирор ерда солиҳ киши ҳеч йўқ қилинганми?!» Аммо ўша пайтда у ҳали раддия драмасида қатнашаётганини билмас эди). Мусибатларни Худонинг ҳукмига боғлайдиган назариялар, охир–оқибат илоҳий донолик эмас, балки карма каби кўринади. Нега биз ҳали ҳам яхшилик ва ёмонлик, азоб ва қувонч хизматларимизга яраша тақсимланади деб ўйлаймиз, ваҳоланки Аюбнинг китоби бунинг аксини ўргатади? Қатъий ишонган кальвинистлар фалокатларни – бирваракайига бошқа ҳамма нарсаларни ҳам – Худонинг мустақил иродаси кўринишида тушунтирмоқчи бўладилар. Мен уларнинг баҳсларига маълум даражада ҳамдардлик билан муносабатда бўламан, лекин барибир ҳайрон қоламан: «Нега Исо азоб чекаётган одамлар билан учрашганда бундай важларни ишлатмаган?» Мен ҳеч қачон Унинг бошқаларга кўрлик ёки оқсоқликни Худонинг яширин иродаси кўриниши сифатида қабул қилиш зарурлиги ҳақида маъруза қилганини кўрмаганман. Бунинг ўрнига Исо уларни соғайтирди. У бизга ибодат қилишни ўргатди: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин», – деб мени бу мақсад йўлида астойдил меҳнат қилишга ундади. Урушлар, қуролли зўравонликлар, террористик ҳужумлар ва табиий офатлар бўлмайдиган жаннатни кутаётганимиздек, кўз ёшлари ҳам, ўлим ҳам бўлмайди! – Мен Худо иродасининг нозик томонларини илоҳиётшуносларга қолдириб, ер юзидаги одамлар учун Худо нима истаётгани ҳақида гапиришни афзал кўраман. Фалокатнинг оқибатлари, эҳтимол, «Худо халқлар устидан ҳукмронлик қилди» деган иқтибос келтириш учун энг ёмон дақиқадир. Сўзлар қанчалик яхши ниятда айтилмасин, улар барибир шундоқ ҳам бахтсиз вазиятни янада кучайтириши мумкин. Кредит тўлай олмай, ишсиз, уй–жойидан айрилган одамга «Бунинг бирор сабаби бўлса керак», – деймиз. Ҳа, лекин бундай вазиятда қандай мантиқий сабаб бўлиши мумкин? «Худо бизга чидай олганимиздан кўра кўпроқ умид боғламайди» – деган гап «жар ёқасида» турганлар учун бўш ва беъманидек кўринади. Кевин Костнер иштирокидаги «Уруш» фильмида яна бир руҳий қолип тасвирланган эпизод мавжуд. Вьетнам уруши фахрийси дўстининг ҳаётини сақлаб қолиш учун шахтада ҳалок бўлганидан сўнг, унинг рафиқаси ўғлига бироз таскин бермоқчи бўлади. «У Худога осмонда керак», – дейди у. Бунга жавобан ўғли осмонга қараб қичқиради: «Ҳа, лекин менга у Сендан кўра кўпроқ керак!» Шахсан мен Чикагодаги дафн маросимидаги жамоат чўпонининг: «Лаънати бўлгин, ўлим!» деган сўзини афзал кўраман (ва илоҳиётшунослик нуқтаи назаридан тўғрироқ деб ҳисоблайман). Агар бу сайёранинг ҳолати бизни қайғуга солаётган бўлса, Худо қандай ҳис–туйғуларни бошдан кечираётганини фақат тахмин қилишим мумкин. Ҳатто нотўғри вақтда айтилган «Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра, даъват этган» каби руҳий ҳақиқатлар ҳам болға билан ургандек таъсир қилиши мумкин. Кўпинча азоб ҳақида гапирадиганлар, ўз йўқотишлари ҳақида қайғураётган ва қандай яшашни билмаётган оддий одамларнинг яраларини янгилайди. Яқинда бир аёл менга онасининг дафн маросими қандай қилиб «ўғирлангани» ҳақида ғазабланган мактуб ёзди: «Мазкур маросимдан сўнг дарҳол менинг олдимга келган миссионерлар табассум билан шундай дейишди: “Агар бу маросим пайтида ҳатто бир киши бўлса ҳам Масиҳни қабул қилган бўлса, демак онангизнинг ўлими бекор бўлмаган”. Техасдаги ўғит ишлаб чиқариш заводида рўй берган портлашдан сўнг CNN телеканали ўзи яшаган қариялар уйи қулагандан кейин омон қолган аёл билан суҳбатлашди. «Мен қўриқчи–фариштамдан миннатдорман», деди у ва унинг ҳис–туйғулари тушунарли эди, лекин мен бехосдан: «Бу сўзлар қариндошлари омон қолмаган оилаларга қандай эшитиларкин?» деб ўйладим. Кейинчалик Бостон марафонининг марра чизиғини биринчи бомба портлашидан бир неча сония олдин кесиб ўтган Жо Берти ҳақидаги ҳикояга дуч келдим. Бир неча соат давомида ўз оиласини саросимага тушиб қидиргандан сўнг, у Техасга уйига учиб кетди ва у ерда икки кундан кейин хизмат сафари пайтида ўғит заводида портлаш содир бўлганига гувоҳ бўлди. Бертининг машинасини зарба тўлқини силкитиб юборди ва устига вайроналар қолдиқлари қулади. Баъзилар уни ер юзидаги энг омадсиз, бошқалари эса, аксинча, энг омадли инсон деб аташади. Бертининг хотини мувозанатли жавоб бериш учун етарлича доно эди. «Худо бизга раҳм қилгани учун Ундан миннатдормиз, – деди у. – Фақат биздан кўра камроқ омадли бўлганлар учун ибодат қиламиз». Япония ва Ньютаунда вақт ўтказганимдан сўнг, мен икки банддан иборат тестни кўз остимга олиб қўйдим. Энди азоб чекаётган одамга маслаҳат беришдан олдин уни доим эслайман. Биринчидан, мен бу саволни ўзимга бериб кўраман: «Бу сўзлар эрталаб қизини мактаб автобусига чиқишдан олдин ўпиб қўйган ва ўша куни қонга беланган жасадни аниқлаш учун чақирилган онага қандай эшитилади?» Менинг сўзларим тасалли берадими ёки янада кўпроқ азоб келтирадими? Кейин ўзимдан сўрайман: «Исо бу онага нима деган бўларди?» Бир нечта илоҳий тушунтиришларгина бу синовдан ўта олади. Тасалли ва шифо беришнинг мен биладиган ягона йўли, Исо қилганидек, онанинг қайғусини тўлиқ қабул қилиш ва уни Худо ундан ҳам кўпроқ қайғураётганига ишонтиришдир. Девид Бентли Харт (дарвоқе, иқтидорли илоҳиётшунос) буни шундай таъкидлади: «Боланинг ўлимига қараб, мен Худонинг эмас, балки Унинг душманининг юзини кўраман... Бизга қоронғида азоб чекаётган қизалоқнинг кўз ёшлари Унинг шоҳлигини қуришга хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатиш ўрнига, Худо уни тирилтиради ва унинг кўзларидаги ҳар бир ёшни артиб ташлайди». Умуман олганда, мен «нега?» деган саволга жавоб беришдан қочаман, чунки ҳар қандай уриниш муқаррар равишда муваффақиятсизликка учрайди ва ҳатто очиқ ярага туз сепиши мумкин. Исонинг издошлари сифатида биз яраларни боғлаш ва синган юракларни даволашга ёрдам берадиган меҳрли, раҳмдил иштирокни таклиф қилишимиз мумкин. Бахтимга, мен жамоат айнан шундай қилганини кўрганман. Мен Ньютаунга жамоатнинг таклифига биноан келдим, у ерда ташвишланган ота–оналар ўз фарзандларининг аҳволи ҳақидаги хабарни кутишарди; жамоат ўт ўчириш станциясига тўртта маслаҳатчини юборганди ҳамда оилаларга муддатсиз маслаҳат бериш учун катта миқдорда пул йиққанди. Фожиа содир бўлганидан сўнг, олтита ҳалок бўлган боланинг онаси доимий равишда уларга ёрдам қўлини чўзган кўпчиликдан бири – ушбу жамоат йиғилишларида мунтазам қатнаша бошладилар. Японияда фалокат оқибатларини бартараф этувчилар орасида мен Филиппин, Германия, Сингапур ва АҚШ жамоаларини учратдим. Зилзиладан кейин дарҳол «Habitat for Humanity» ва «Самариялик халтаси» каби ташкилотлар, ҳатто бир йилдан кейин ҳам тиклаш ишларига ёрдам бериш учун гуруҳларни юборишда давом этди. Гарчи Япониядаги жамоат аҳолининг атиги бир фоизини ташкил қилса–да, масиҳий ташкилотлари таъмирлаш лойиҳаларида етакчилик қилишди ва баъзи япон жамоатлари озиқ–овқат ва кийим–кечакларни тарқатиш марказларига айланди. Улардан бири цунамидан кейинги дастлабки бир неча ой ичида мингдан ортиқ эвакуация қилинганларга бошпана берган. Мен бир неча нафақахўрларни – собиқ қурилиш пудратчилари ва қурувчи–ишчиларни учратдим, улар «Самариялик халтаси»га цунами ювиб кетган уйларни тиклашга ёрдам бериш таклифи билан мурожаат қилишди. Улар тор коммунал турар–жойларда яшаб, кўп соатлаб маошсиз ишлашарди. «Биз ҳеч кимни имонини ўзгартирмоқчи эмасмиз, – дерди улардан бири. – Бизга бу нарса керак эмас. Одамлар нега бу ерда эканлигимизни шундоқ ҳам билишади. Биз – шунчаки Исонинг амри бўйича яшашга ҳаракат қилаётган Исонинг издошларимиз. Эгаларига янги уйларининг калитларини топширишдан олдин, биз уларнинг янги уйи учун барака ибодатини айтишимиз мумкинми, йўқми деб сўраймиз. Ҳозирча ҳали ҳеч ким рад этгани йўқ». Еттита ҳалокатли гуноҳ рўйхатидан фарқли ўлароқ, ўрта асрлар жамоати еттита раҳм–шафқат ишининг рўйхатини тузди: очларни овқатлантириш; чанқаганларнинг чанқоғини қондириш; яланғочларни кийинтириш; уйсизларга бошпана бериш; касалларни зиёрат қилиш; маҳбусларни тўлов эвазига озод қилиш; ўликларни дафн қилиш. Хайрия ташкилотлари ишчилари ва кўнгиллиларнинг кичик армияси Тохокуда ҳар куни ушбу хайрия ҳаракатларини амалга оширди. Бироқ, ҳаммамиз ҳам раҳм–шафқатнинг олдинги сафида хизмат қила олмаймиз. Японияни тарк этадиган куним Токиодаги нашриёт ходимларига эслатганимдек, жамоат кейинчалик диний раҳм–шафқат ишларининг яна бир рўйхатини тузди: жоҳилларга насиҳат қилиш; шубҳа қилаётганларга ўргатиш; гуноҳкорларга насиҳат қилиш; ҳақоратларга сабр билан чидаш; ҳақоратларни сабр билан кечириш; жабр кўрганларга тасалли бериш; тириклар ва ўликлар учун ибодат қилиш. Япониядаги жамоат – ғамгин халқнинг жуда озчилигини ташкил этиб, сезилмайдиган ишларни ҳам амалда қўллашга ҳаракат қилмоқда. «60 дақиқа» телекўрсатувининг продюсери Жон Маркс, хушхабарчи масиҳийларни – ўзи билан бирга ўсган ва кейинчалик рад этган одамларнинг ҳаётини ўрганиш учун икки йиллик саёҳатга жўнади. У ўз саёҳатини «Ишониш сабаблари. Бир одамнинг Хушхабарчилар орасидаги ёлғиз саёҳати ва у ортда қолдирган имон» номли китобида тасвирлаб берган. Маркснинг имонга қайтишининг бурилиш нуқтаси ва асосий сабаби жамоатнинг «Катрина» бўрони оқибатларига муносабати бўлди. Батон–Руждаги битта баптистлар жамоати бир неча ҳафта давомида кунига 16.000 кишини овқатлантирди; яна бир жамоат эса 700 бошпанасиз муҳожирга бошпана берди. Бўрондан бир неча йил ўтгандан кейин ҳам, федерал ёрдам тугаганидан кейин ҳам, қўшни штатлардан жамоатлар тармоғи уйларни қайта тиклашга ёрдам бериш учун мунтазам равишда гуруҳлар юборишни давом эттирди. Марксда энг катта таассурот қолдирган нарса, бу жамоат лойиҳалари Жанубнинг марказидаги барча ирқий чегаралар ва тўсиқлардан ошиб кетганлиги эди. Бир ишчи унга айтганидек: «Бизда оқ танлилар, қора танлилар, лотин америкаликлар, вьетнамликлар, қадрдон кажунлар бор... Биз шунчаки: «Келинглар, одамларга ёрдам берайлик!» демоқчимиз, бу бизнинг штатимизку. Уларнинг фарқлари ҳақида бошқалар ўйласин. Биз учун ҳамма тенг». Маркс шундай хулосага келди: «Бу Америка масиҳийлиги тарихидаги туб бурилиш даври бўлди.... Масиҳий кўнгиллиларининг кичик гуруҳини улкан, аммо деярли барбод бўлган дунёвий ҳукумат саъй–ҳаракатлари билан солиштирганда, имонлилар ва ғамхўр имонсизлар учун бу гувоҳликдан таъсирлироқ ҳеч нарса йўқ. Бу бўрон инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатни очиб берди. Кўпроқ масиҳийлар Американи қайтариб олишнинг ягона йўли хизмат орқали деган хулосага келишмоқда. Ишонч энди сўз билан ифодаланмайди. У амаллар орқали тарқалади». 3–ҚИСМ ХУДО УХЛАБ ҚОЛГАНДА 2012 йилнинг октябр ойида мен Югославия парчаланганда фуқаролар уруши авж олган нотинч минтақа – Болқонга ижодий сафар қилдим. «Қайтаётганда Сараевога кириб ўтишни хоҳлайсизми? – деб сўради бир куни эрталаб хорват ноширим. – «Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?» мавзусидаги суҳбат бу шаҳарга ҳақиқатдан ҳам фойда берган бўларди». «Сараево» номи менга 1990 йиллардаги ҳарбий ҳисоботлардан таниш эди ва қизиқувчанлик туфайли мен дарҳол рози бўлдим. Шоссе бўйлаб Хорватиядан Боснияга кетаётганимизда бирдан ҳаракат тўхтаб қолди. Ҳайдовчилар машина эшикларини очиб, чекиш учун ташқарига чиқишди. Ҳамма тирбандликнинг мумкин бўлган сабаблари ҳақида тахмин қиларди. Бахтсиз ҳодисамикин? Йўл ишларими? Маълум бўлишича – ундай эмас. Ҳарбийлар қарийб йигирма йил муқаддам тугаган урушдан қолган миналарни қидириб топиш учун йўлга туташ далалар оралаб чиқишди. «Собиқ Югославияга хуш келибсиз!» – мени таклиф қилган ношир киноя қилди. Уруш пайтида можаро томонлари беш миллиондан ортиқ миналарни ўрнатдилар, улар бугунги кунгача ҳеч нарсадан хабари йўқ фермерлар, сайёҳлар ва ўйинқароқ болаларни ногиронга айлантиришда ва ўлдиришда давом этмоқда. Ниҳоят Босния чегарасига етганимизда, машина ойналари ташқарисидаги дунё кескин ўзгарди. Тўрт полосали шоссе торайиб, бурилишли, чуқурчалар билан қопланган икки қаторли йўлга айланди. Реклама тахталари ва кўча белгиларида ёзувлар нафақат Ғарбий Европа лотин тилида, балки Шарқий кирилл алифбосида ҳам пайдо бўла бошлади. Мени энг ҳайратлантиргани уйларнинг ярми бўм–бўш, деразалари синган, ичи куйиб кетгани бўлди. «Ҳа, бу серблар томонидан амалга оширилган этник тозалашни эслатиб туради, – деб тушунтирди ноширим. – Улар озчиликни ташкил этадиган серб бўлмаган барча аҳолини бу минтақани тарк этишга мажбур қилишди». «Ҳозир бу уйлар кимга тегишли? – деб сўрадим мен. – Ва нима учун улар бўм–бўш?» «Эҳтимол, уларга бўлган ҳуқуқлар уруш пайтида қочиб кетган ва ҳозирда номаълум жойда яшаётган аввалги эгаларига тегишли бўлса керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг: қўшниларингиз қизингизни зўрлаган ва хотинингизнинг бўйнига пичоқ тортилган шаҳардаги уйингизга қайтиб, ўз ҳуқуқларингизни даъво қилишни хоҳлаган бўлармидингиз?» 1990 йилларнинг бошларидаги газета сарлавҳаларида Болқондаги урушлар асосий ўринни эгаллар эди. Кечки хабарларда худди Иккинчи жаҳон уруши воқеаларини реал вақтда тирилтиргандек ваҳшийлик тасвирларини кўрган Европа етакчилари умидсизликка тушиб қўлларини силташди. Бир неча қўзғолон ва фуқаролар урушларида юз мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар қочқинга айланди ва ўн минглаб аёллар «зўравонлик лагерлари» деб аталадиган жойларда зўрланди – жиноятлар ҳали ҳам Халқаро Жиноят Суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Сребреницада серблар ўн беш ёшдан ошган (саккиз мингга яқин) барча эркакларни тўплаб, қўлларини орқаларига боғлаб, отиб ташлашди. Ишчилар жасадларнинг шахсини аниқлаш мақсадида шу кунгача оммавий қабрларни қазишмоқда. Гаага суди мажлисларида гувоҳларнинг кўрсатмалари даҳшатларнинг чексиз тиловатига ўхшайди: ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб, уларнинг туғилмаган болаларини эса милтиқ қўндоқлари билан уришарди; тўдалар тўққиз ёшли қизларни зўрларди; гўдакларнинг бошини кесиб, бошларини оналарининг тиззаларига қўйишарди... «Бўлган воқеага фақат битта тушунтириш бериш мумкин, – деди менга босниялик. – Худо ухлаб қолган». Собиқ Югославияда содир бўлган ҳамма нарсани ким тушуна олади? Бу уруш пайтида мен буни баланд овозда айтиш у ёқда турсин, ким кимнинг душмани эканлигини тушунолмасдим ва ёвуз одамларнинг исмлари деярли ҳар ҳафта ўзгариб турарди. Хулоса қилиб айтганда, бир вақтлар коммунистик бўлган Югославия бир–бирига мос келмайдиган учта гуруҳни куч билан бирлаштирган. Хорватия католиклари ўзларини Ғарбий Европа билан тенглаштиришарди, серб православлари шарқда Россиянинг иттифоқчилари бўлган, босниялик мусулмонлар жанубдаги бошқа исломий халқлардан ёрдам сўрарди. Коммунизм қулагандан сўнг, озчилик қудратли сербларга ва уларнинг «буюк Сербия» ҳақидаги шуҳратпараст ғояларига қарши исён кўтариб, мамлакат парчалана бошлади2. 1991 йилдан 1995 йилгача Югославия армиясининг асосий қисмини мерос қилиб олган Сербия аскарлари Сараево атрофидаги позицияларни эгаллашди. Бу шаҳар ўрмонли тепаликлар орасидаги тор ер ҳудудида жойлашган – ҳарбий қамал учун ажойиб майдон эди ва серблар уни тўрт ваҳший йил давомида қамал қилдилар, бу замонавий даврдаги энг узун қамал эди. Сараевога ҳар куни ўртача 329 та РПГ гранаталари, снарядлар ва миналар ёмғири ёғди ва энг фаол кунларда бу рақам ўн баробарга ошди. Мерганлар худди сув ҳавзаси бўйида ўрдак овлаётгандек ўз нишонларини бемалол отишарди: етти ёшли мусулмон қиз; етмиш ёшли буви; ярадорларга ёрдам бераётган шифокор... Қамал пайтида камида 11 минг тинч аҳоли, шу жумладан 1600 нафар болалар ҳалок бўлди. Қабристонларда бўш жой қолмаганидан сўнг, гўрковлар 1984 йилги қишки Олимпия ўйинлари учун қурилган спорт мажмуасининг футбол майдонини реквизиция (қийматини тўлаш шарти билан ихтиёрига олиш) қилишди. Ва бу – замонавий Европада, одатда бундай ваҳшийликлар бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак эди. Аммо улар электр қувватисиз, иссиқликсиз, газсиз ва телефон алоқаларисиз қолган шаҳарни 1443 кун давомида узлуксиз ўққа тутиш шаклида такрорланди. Пиво заводи асосий сув манбаига айланди, у снайперлар отишмаси остида сув олиш учун боришга ботинган жасурларга ўзининг чуқур қудуқларини сахийлик билан очди. Сараеводаги кўпчилик биноларда ҳозиргача ўқ ва шрапнел излари сақланиб қолган. Ёдгорлик тахтачалари тинч аҳолининг зич қисмига снарядлар тушган жойларни кўрсатиб турибди: бу бурчакда 22; бу пиёдалар кўчасида – 40; бу озиқ–овқат бозорида 70 киши ҳалок бўлган. Мен 42 марта тик ўққа тутилган қайта тикланган францискан монастирида яшаганман. Гарчи серблар энг шафқатсизи бўлса ҳам, можарода иштирок этган барча томонлар маълум даражада айбдор эдилар ва уларнинг раҳбарлари ҳибсга олиниб, ҳарбий жиноятларда айбланиб суд қилинди. Урушлар ниҳоят 1999 йилда, – қисман НАТО авиацияси бомбардимонлари ва Билл Клинтоннинг тинчлик келишувлари туфайли тугади. Натижада Югославия деб аталган давлат еттита мустақил давлатга бўлиниб кетди. Шу билан бирга, ҳудуднинг энг катта қисми Сербия назоратига ўтди. «Бундай шафқатсизлик қаердан келди?» Сараевонинг битта кўчасида Шарқ ва Ғарб бирга мавжуд бўлиши мумкин. Агар бозорга кириб қолсангиз, битта тарафга қарасангиз, шубҳасиз, ўзининг нафис бинолари, жамоатларнинг қуббалари ва очиқ осмон остидаги кўпчилик кафелари тўплами билан ўзингизни Венага бориб қолгандек ҳис қиласиз. Аммо бошқа бир томонга қарасангиз, мусулмон аёллар билан гавжум бўлган чой ва зираворлар дўконлари мавжуд Истанбулни кўраетгандек бўласиз. Унчалик узоқ бўлмаган жойда бутун Европани эгаллаб олмоқчи бўлган мусулмонларнинг ўрта асрлар босқинини тўхтатган тарихий жанглар бўлиб ўтган ва табиийки, ҳеч бир томон ҳеч нарсани унутмаган. Сараеводаги азобларнинг ташқи белгилари мен Японияда кўрганларга ўхшарди: вайрон қилинган бинолар, пачоқланган машиналар, қабристонлардаги қабр тошли майдонлар. Аммо бу ерда айбдорлар одамлар бўлишди. Тарих инсоний нафрат ва шуҳратпарастлик туфайли юзага келган азоблар оғирлиги остида тебраниб туради. Минг йилликнинг бу охирги уруши низолар ва геноцид даврининг рамзи ҳамда айни пайтда – “тамаддунлар тўқнашуви” янги халқасининг даракчиси бўлди. Бир неча йил ўтиб, мусулмонлар томонида Болқон можаросига аралашган Қўшма Штатларнинг ўзи 2001 йил 11 сентябрда ислом экстремист–учувчиларнинг ҳужуми қурбони бўлди. Ўша пайтда «World Vision» хайрия ташкилотининг раҳбари бўлган Боб Сейпл билан бўлган суҳбатимни эслайман. У яқиндагина оммавий қирғин содир бўлган Руандадан қайтган эди. Кўприк устида туриб, оёқлари остида дарё бўйидаги минглаб шишган жасадларни кузатиб турарди. Хуту қабиласининг вакиллари, номаълум сабабларга кўра, бошқа қабиладан деярли миллион кишини, Тутсиларни – ўзларининг қўшнилари, синфдошлари, жамоат аъзоларини мачете билан чопиб ташлашди... «Бу мен учун эътиқод инқирози эди, – деб тан олди Сейпл. – Бундай даҳшатни тасвирлай оладиган даражанинг ўзи йўқ. Кимдир «ҳайвонийлик» сўзини ишлатибди, лекин йўқ – бу ҳайвонларнинг қадр–қимматини поймол қилади. Ҳайвонлар завқ учун эмас, балки озиқланиш учун бир ёки иккита ўлжани бир вақтнинг ўзида ўлдирадилар, лекин ҳеч қандай сабабсиз миллионлаб ўзининг турини эмас. Юҳаннонинг биринчи мактуби хаёлимни тарк этмасди: “Ахир, ичингиздаги Руҳ дунёдаги шайтондан устундир”. Мен инсон қонидан арғувон бўлган дарёга қараганимда, бу ваъдага ишона олармидим?” Шу сўзлар ҳақида ўйлаб, Сараевонинг марказий қисмидан айланиб ўтувчи гўзал дарё бўйида турардим – яқинда у ҳам одам қони билан қип–қизил рангга бўялганини англардим. Мен нацистларнинг концлагерларида, Освенцим, Дахау ва Берген–Бельзен каби жойларда бўлганман, улар ҳам худди Сейплни ҳайратда қолдирган ғайриинсонийлик ёдгорликларига айланишди. Мен коммунистлар давридаги энг даҳшатли ваҳшийликларни бошдан ўтказган руслар ва хитойликлардан интервью олдим. Мана, Сараевода бўлган бир неча кун ичида мен замонавий Европа шаҳрининг оддий аҳолиси билан учрашдим, улар очликдан омон қолган, уларнинг собиқ қўшнилари эса уларни ўта шафқатсиз отишма машқларида нишон сифатида фойдаланишган. «Бундай шафқатсизлик қаердан келди?» – деб сўрадим мен тўрт йиллик қамал пайтида кундалик юритган журналистдан. У кўзларини пастга қаратиб, қўлларини диққат билан кўздан кечирди ва ўша кунларни хотирасида руҳан уйғотишга ҳаракат қилди. Хотираларнинг баъзилари ўчиб кетган бўлса–да, яралар сақланиб қолган. «Қаердан? – Бу жавоби йўқ савол. Булар бизнинг дўстларимиз, қўшниларимиз эди, мана энди эса – бизларни отиб, уйларимизни портлатиб юборишяпти. Файласуф Ханна Арендт ёвузликнинг оддийлиги ҳақида ёзади. Энг катта жиноятчилар намунали ота ва эр бўлишган. Улар кундузи яҳудийларни газ камераларига жўнатиб, кейин уйларига қайтиб, оиласи билан концерт тинглай оладиган нацистлардан фарқ қилмас эди». Америка фуқаролар урушидаги каби, Югославия можароси оилаларни парчалаб ташлади. Мен икки акаси турли томонларни танлаган бир одам билан гаплашдим. Бири қамалга қарши туриш учун Сараевода қолган босниялик мусулмонларга қўшилган бўлса, иккинчиси хорватлар билан хизмат қилиш учун шаҳардан қочиб кетган. Бу одамнинг синглиси қамал қўшинига чақирилган сербга турмушга чиққани масалани янада мураккаблаштирарди. «Кўп никоҳлар шуниси каби аралаш эди, – деди у. – Серблар хорватлар билан, хорватлар боснияликлар билан, боснияликлар серблар билан – ва уларнинг кўплари ажралишиб кетди. Ҳудди мамлакат каби...» – Унинг дами ичига тушиб кетди. Қандай қилиб инсон қамал остидаги ҳаётнинг доимий зўриқишидан омон қолиши мумкин? Омон қолганлар ҳар куни эрталаб туриш учун эртанги кунни ўйламасликка ҳаракат қилишларини ва жамиятнинг ёрдамига таянишларини айтиб беришарди. Сараево аҳолиси асосан ҳаво орқали, БМТ ва аэропортни назорат остида ушлаб турган НАТО кучлари томонидан етказилган гуманитар ёрдам – ловия, макарон ва гуруч билан кун кечиришарди. Аэропортга очиқ ер остидан қарийб бир километр узунликдаги туннел қазиш учун тўрт ой керак бўлди ва тунда у ҳаётни сақлаб қолиш учун келган минглаб шаҳарликлар билан гавжум эди. Туннелга кириш снайперлар учун янги нишонга айланди, улар кундузи у ерга боришга уринган ҳар қандай одамни нишонга олишарди. Шундай бўлсада, деярли ҳамма яхши лаҳзаларни эсларди. «Бизда илгари ҳеч қачон бундай зиёфатлар бўлмаган, дейди қамалдан омон қолганлардан бири. – Агар кимдир бир чимдим паприка ёки бошқа зираворларни топса, у ҳамма қўшниларни зиёфатга чақирарди. Бир марта, менинг оилам тўққиз кун кетма–кет қуруқ макарондан бошқа ҳеч нарса емади. Бизда на зираворлар, на гўшт ва на кўкат бор эди. Бу чучуклик шу даражада онамнинг жонига теккан эдики, макаронга сепиб, таъми ва рангига ҳеч бўлмаганда бироз ўзгартириш киритиш учун, у кўчага чиқиб ўт териб келди. Албатта, бу таомни ҳам қўшниларимиз билан баҳам кўрдик». Немислар бомбардимон қилган пайтда Лондонда яшаган кекса британияликлар ўртасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, уларнинг аксарияти ўша кунларни: осмонда бомбардимон самолётларнинг шовқинини эшитиб, қандай қилиб метрога тушганларини, ватанпарварлик қўшиқларини куйлаганларини, хурсандчилик билан Қироллик ҳаво кучлари ҳимоячиларига тасалли берганларини ва ухлашга тайёрланиш учун букма каравотлар ўрнатишганини соғиниш билан эслайдилар. Сараевода ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлмоқда эди. Шаҳарда бир ҳазил бор эди: «Оптимист ва пессимист ўртасидаги фарқни биласизми? Пессимист: «Ҳа! Бундан баттари бўлмаса керак», – дейди, оптимист эса унга: – «Ташвишланманг. Ҳар доим бундан ҳам баттарроқ бўлиши мумкин». Мен суҳбатлашган бир аёл шундай деб эслади: «Энг ёмони қишда бўларди. Электр бўлмаса, бизда иситиш учун ҳеч нарса бўлмасди ва шунинг учун биз дуч келган ҳамма нарсани ёқиб юборардик. Менинг қўлимда шу жаҳаннамнинг ўртасида туғилган чақалоғим бор эди. Оилавий мебелларни болта билан чопиб ташладик. Бир мунча вақт ўтгач, ҳиссий ва жисмоний донг қотиб қолиш ҳисси пайдо бўлади. Кейин, Мавлуд байрамида қўшнилардан бири менга бебаҳо совғани – қаердандир топиб келинган дарахтнинг лой билан қопланган илдиз тизимини олиб келди. Мен йиғлаб юбордим. У мусулмон эди ва умуман Мавлуд байрамини нишонламаган, шунга қарамай, бизни исинишимиз учун қурбонлик қилди. Мен ҳеч қачон ўзим учун бунчалик катта аҳамиятга эга бўлган совға олмаганман ва ўша дарахтнинг бир қисмини ҳозиргача сақлаб қўйганман. Мен уни ёқиб юборолмадим. Энг шармандалиси, бу ҳаракат мени яна ўттиз кишининг ўлими ҳақидаги хабардан кўра кўпроқ таъсирлантирди». Бир жасур виолончелчи нон учун навбатда турган йигирма икки нафар тинч аҳолининг ўлдирилишига ўз муносабати билан бутун бир шаҳарнинг руҳиятини кўтарди. У йигит йигирма икки кун давомида ўз уйидан фрак ва қалпоқ кийиб чиқди ва миномётдан ўққа тутилиб, одамларнинг ҳалок бўлган жойига табурет қўйиб, уларнинг хотирасига яккахон концерт берди. Унинг ғайриоддий жасорати шаҳар аҳолисини руҳлантирди, улар ҳатто яқин атрофда снарядлар портлаган кунларда ҳам унга қўшилишди. Кўр ва кемшик дунё Кетма–кет азобли ойлар давом этар ва доим ўзининг хилма–хиллиги билан фахрланиб келган шаҳар бутун мамлакат каби бўлиниб кета бошлади. Урушдан олдин Сараевода католиклар, мусулмонлар ва православларнинг кўп вакиллари бўлган турли этник гуруҳлар яшаганди. Энди эса шаҳар 80 фоиз исломийга айланди, православлар ва католиклар сони сезиларли даражада камайди, протестантлар эса саноқли қолди. Ҳар бир суҳбат чоғида мен доим сўрардим: «Ҳозир–чи? Сиз ярашишга тайёрмисиз?» Ҳеч ким «ҳа» деб жавоб бермади. Яралар бир вақтнинг ўзида жуда янги ва жуда ўтказиб юборилган, чунки бу низолар етти асрдан кўпроқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. «Ҳар қандай муроса – мағлубиятдир», – деди Сербия раҳбарларидан бири. «Ҳар қандай ярашув – хиёнатдир», – дейди бошқаси. Болқондаги можаро яна авж олиши мумкин. Мен буни ёзар эканман, Суриядаги фуқаролар уруши ахборот кўрсатувларида устунлик қилмоқда, бу мен Болқонда эшитган ваҳшийликларнинг такрорланиши. Руандада якунланган геноцид бугун Конго Демократик Республикаси ва Нигерияда давом этмоқда. Махатма Гандининг мантиқий якунига етказилган «қонга қон, жонга жон» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш бутун дунёни кўр ва кемшик қилиб қўйган бўларди, деган сўзларини эслайман. Мен ҳеч қачон иноят ва кечиримга муҳтож бўлган, лекин бу қадар қайсарлик билан унга қаршилик қилган жойда бўлмагандим. Фуқаролар урушидан кейинги Америка Қўшма Штатлари ва бизнинг собиқ душманлар Германия ва Япония билан яқин муносабатларимиз шуни кўрсатдики, шафқатсиз инсоний можародан шифо топиш мумкин, фақатгина иккала томон буни хоҳласа. Афсуски, мағрурлик ва қасос олишга чанқоқлик кўпинча тўсиқ бўлади. Бир куни кечқурун Сараевога ташриф буюрганимда, менинг йўлбошчим Иво Маркович исмли қувноқ францисканлик роҳиб эди. У мени шаҳар тепасида жойлашган яҳудий қабристонига олиб борди. Қамал пайтида бу тепалик серб снайперлари учун асосий кузатув нуқталаридан бири эди. Ғарбий совуқ шамолидан жунжиб, пастга – улар ҳар куни ўз қурбонларини излаган ўша кўчаларга қарардик. Ҳар бир қабрда таҳқирлашнинг у ёки бу белгилари бор эди. Қабр тошлари ўқ излари билан тўлган, граффити билан қопланган, синдирилган ва ағдариб ташланган эди. Мен Маркович ҳақида Мирослав Вольфнинг «Беминнат» китобида ўқиганман. Унинг қишлоғида ёвузлар сифатида исломий боснияликлар намоён бўлишади, улар 21 кишини, шу жумладан Марковичлар оиласининг 9 аъзосини ҳам ўлдиришди: ҳаммаси кекса одамлар бўлиб, уларнинг ичида энг ёши 71 ёшли Иво ота эди. Уруш тугагандан сўнг, Маркович ўзининг туғилиб ўсган қишлоғига ташриф буюрди. Мен бу ҳикояни сўзлаб беришни Вольфнинг ўзига қўйиб бераман: Бир пайтлар укаси яшаган уйда ҳозир қандайдир баджаҳл мусулмон аёл яшар эди. Уни (Марковични) у ерга бормаслик тўғрисида огоҳлантиришганди, чунки бу аёл янги уйини ҳимоя қилар экан, қурол билан ҳаммага таҳдид қиларди. Шунга қарамай у борди. Иво уйга яқинлашганда, аёл уни оғзида сигарет ва қўлида милтиқ билан кутаётган эди. «Йўқол бу ердан, акс ҳолда сени отиб ташлайман!» – қичқирди у. «Йўқ, сиз мени отмайсиз», – деб жавоб берди Маркович ўта юмшоқ, аммо ишончли оҳангда. – Сиз менга бир финжон қаҳва тайёрлаб берасиз». Аёл унга бир зум ҳайрат билан тикилиб турди–да, секин милтиқни туширди ва ошхонага кетди. Ўзида қолган қаҳванинг охирги чимдимини олиб, икки кишилик ичимлик тайёрлаш учун аллақачон ишлатиб бўлинган қуйқа билан аралаштирди. Мана, иккита ашаддий душман қадимий меҳмондўстлик маросимида қатнашиб, бир финжон қаҳва устида суҳбатни бошлашди. Аёл ўзининг ёлғизлиги, йўқолган уйи, урушдан қайтмаган ўғли ҳақида гапириб берди. Бир ой ўтгач, Маркович ота унинг олдига яна ташриф буюрганида, у: «Сизни кўрганимда худди ўғлим уйга қайтгандек хурсанд бўлиб кетаман», – деди. Улар кечирим ҳақида гаплашишдими? Билмадим. Ва, қайсидир маънода, бу муҳим эмас. Маркович (жабрланувчи) бу мусулмон аёлнинг олдига – қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган укасининг уйига меҳмондўстлик сўраш учун келган. Ва у жавоб берди. Аёл Марковични қурол билан кутиб олган бўлса–да, унга совға берди ва уни кўрганидан хурсанд эди. Бир финжон қаҳва устида суҳбатлашиш маросими ўзаро қабул қилиш йўлидаги биринчи журъатсиз қадам эди. Агар бу йўл давом эттирилса, у ҳатто ўтиш қийин бўлган кечириш ўлкасидан ҳам ўтади. Сараеводан уйга қайтганимдан кейингина мен Маркович ота билан бирга борган яҳудий қабристони мавжудлигининг тўлиқ аҳамиятини англадим. «Ажабланарлиси шундаки, бир пайтлар Сараевода яҳудийлар жамияти гуллаб–яшнаган эди, – деди Иво менга Довуд юлдузлари ўйиб ёзилган синган қабр тошларига ишора қилиб. – Инквизиция яҳудийларни Испания ва Португалиядан қувиб чиқарганида, уларни Ислом Усмонийлар империяси кутиб олди. Мармар қабр тошларининг сифатидан кўриниб турибдики, улар бу ерда гуллаб–яшнаган, гарчи улар ҳозир бузилган бўлса ҳам». Бир вақтлар бу ердаги яҳудийларнинг сони 20 минг кишига етганди, бу аҳолининг бешдан бир қисмини ташкил этарди. Кўп миллатли хилма–хиллиги учун Сараево «кичик Қуддус» номини олганди. XIX асрнинг ўрталарига келиб, шаҳардаги ҳар бир шифокор яҳудий бўлиб, бу ерда ўн бешта синагога гуллаб–яшнаган. Кейин, юз йил ўтгач, Холокост келиб, Сараеводаги яҳудийларнинг 85 фоизини ўлдирди. Ёрдам сўраб қилинган нолалар Сараевонинг ҳар бир бурчагида мен инсоният тарихини таъқиб қилиб келаётган саволнинг шарпали акс–садосини эшитардим: Нега Худо аралашмайди? Нега у яҳудийларга ташланишдан олдин Гитлерни олиб ташламади? Нега у Сараевони тўрт йиллик қамалдан кейин эмас, тўрт кунлик қамалдан кейин халос қилмади? Хаим Потокнинг «Менинг исмим Ашер Лев» китобидаги қаҳрамонлардан бири нолиганча, шундай дейди: «Оҳ, нақадар ғалати бу дунё. Баъзан менга, оламлар Парвардигорининг ғамхўрлик қиладиган бошқа бир дунёси бордек (Худо асрасин!) ва шунинг учун бу дунёга эътиборсиз қараётгандек туюлади». Мен Болқон тарихини озчиликка зулм қилишнинг типик намунаси – яҳудийларнинг абадий тақдири ва Муқаддас Китобда қайта–қайта такрорланадиган мавзу сифатида кўра бошладим. Исроил ҳам фуқаролар уруши билан таниш эди. Биринчи шоҳ Шоул ҳукмронлиги даврида Довуд бошчилигидаги қўзғолон кўтарилди ва унинг ўзи кейинчалик ўз ўғли Абсаломнинг қўзғолонига дуч келганди. Икки авлод ўтиб, мамлакат иккига бўлиниб, Болқондаги воқеалар каби беқарорлик даврини бошлаб берганди. Бундай пайтларда норозилик қўшиқлари ҳамду сано қўшиқлари билан қўшилиб кетарди, буни Забур китобидан ҳам кўриш мумкин. Муқаддас Китобнинг «The Message» деб номланувчи парафраз–таржимаси муаллифи Южин Петерсоннинг фикрича, Забурнинг учдан икки қисми нолалардан иборат. Довудга тааллуқли бўлган санолардан бирида шундай нола қилинади: «Мадад сўраб, силлам қуриди, Томоқларим қақраб кетди, Эй Худойим, Сени кутиб, кўз нурим сўнди». Бошқаси эса шундай дейди: «Эй Эгам, вақти келди, Ўз ишингни қил, Сенинг қонунинг бузилди». Худо бизнинг норозилигимиз сабабларини, шунингдек, азобга қарши ғазабга бўлган эҳтиёжимизни тўлиқ тушунганга ўхшайди3. Баъзан Худонинг «танланган халқи», худди Сараево аҳолиси каби, сўзнинг том маъносида қамал остида қолган. Шундай ҳужумларнинг биридан сўнг, оссурияликлар минглаб исроилликларни ўлдиришди ва тирик қолганларни қулликка олиш учун бурун ёки пастки лабларини темир илгаклар билан тешдилар. «Исроилнинг йўқолган қабилалари» шундай пайдо бўлди. Кейинги ажнабий босқинчи Бобил эса бундан ҳам узоқроққа бориб, Қуддусни эгаллаб, Худонинг маъбадини вайрон қилди. Жанглар чанги бир оз пасайгач, исроилликлар бутун ер юзига тарқалиб кетишди ва йигирма беш аср давомида мустақил давлат сифатида бирлаша олмадилар. Бу фожиа ҳақидаги таассурот остида ёзилган Забур саноларидан бири, мен Сараево аҳолисидан душманларга нисбатан эшитган худди шундай аччиқликни билдиради: «Эй Бобил шаҳри! Қирғинга маҳкум бўлгансан. Бизга не қилган бўлсанг, ўшани Бошингга соладиганлар бахтлидир. Сенинг гўдакларингни ушлаб, қояга уриб, Тилка–пора қиладиганлар бахтлидир». Пайғамбарлар Худонинг аралашишини сўраб ялиниб–ёлвордилар. «Адолат хусусида савол бермоқчиман, – талаб қиларди, чираниб Еремиё. – Нечун фосиқларнинг иши юришади? Нечун мунофиқлар роҳатда яшайди?» Хабаққуқ нисбатан кам назокат билан: «Эй Эгам, қачонгача Сендан ёрдам сўраб ёлворай?! Менга қулоқ соласанми ўзи?! Қачонгача: “Зўравонликдан қутқар!” – деб илтижо қилай?! Бизга нажот берасанми ўзи?! Нима учун ноҳақликка қараб туришим керак?! Бундай ҳақсизликка қандай чидай оляпсан?!» Эски Аҳддаги нолалар ва норозиликларнинг кўплиги, адолатсизлик қанчалик даҳшатли бўлмасин, биз инсоният тарихидаги воқеаларда Худонинг бевосита шафоатига ишона олмаслигимизни аниқ кўрсатмоқда. Исроилликлар ва Сараево аҳолиси каби кўплаб художўй одамлар уруш ва зулм бўронига тушиб қолган. Мен Хитой ва Совет Иттифоқидаги эътиқоди учун таъқибга учраган миллионлаб масиҳийлар ва бугунги кунда Сурия, Ироқ, Эрон, Покистон ва Нигерия каби мамлакатларда зўравонликка дучор бўлганлар ҳақида ўйлаяпман. Муқаддас Китоб мисолида мен зўравонлик ва адолатсизликка қарши норозилик билдиришимиз ва ҳатто бундай дунёнинг мавжуд бўлишига йўл қўйгани учун Худодан жавоб беришини талаб қилиш тўғри эканини ҳам билиб олдим. Дунёдаги азобларнинг кичик бир қисмига чидаб, ўзим ҳис қилаётган ҳамма нарсани, жазога тортилмасдан Худога айтишим мумкин. Ричард Рорнинг таъкидлашича, Аюбнинг тақводор дўстлари Худо ҳақида баланд овозда гапираётганларида, Аюбнинг ўзи Худога гапираётган эди. У тўғридан–тўғри Худога эллик саккиз марта мурожаат қилган. Худди шунга ўхшаш тарзда, бир яҳудий раввин касалхоналар ва маросим залларида кўпинча қулайлик манбаи сифатида ишлатиладиган Забурнинг 22–саносида иккита жуда хилма–хил мотивни бирлаштирганини таъкидлайди. У далда берувчи сўзлар билан бошланади: «Эгам Менинг чўпонимдир. Мен муҳтожлик кўрмасман асло», – деб яшил яйловлар ва сокин сувларнинг тасвирини чизади. Бу саҳнадан фарқли ўлароқ, «душманларим» ва «зулмат водийси»нинг мавжудлиги ҳақида гапирадиган иккинчи саҳна даҳшатлироқ кўринади. Аммо Худо ҳақидаги биринчи роҳат–фароғатдаги тасвирда янада четлаштирилган йўсинда, (Худо ҳақидаги сўзлар) учинчи шахсда айтилади: «Ям–яшил яйловларда У менга ором беради... Мени тўғри сўқмоқлардан етаклайди». Сано айтувчи зулмат водийсидан ўтгандан сўнг, оҳанг иккинчи шахсга (Худога қаратилган сўзлар) ўтади. Душманлар, шунингдек, ёвузлик каби ҳали ҳам мавжуд, лекин «Хавф–хатардан қўрқмайман, Ахир, Сен мен билан биргасан». Худо янада яқинлашди. Ушбу учта сўз: «Сен мен билансан» – биз қийин пайтларда ишонишимиз мумкин бўлган ягона нарсани очиб беради. Вазият қандай бўлишидан қатъий назар, биз ҳар доим «Иммануил»га таянишимиз мумкин, бу шунчаки: «Худо биз билан» деган маънони англатади. Муқаддас Китобда тарихга Худонинг самарали аралашуви ҳақида бир неча мисоллар бор, лекин улар жуда кам учрайди ва кўпчилик қурбонларни қутқариш учун жуда кеч келган. Кўпинча, Худо тарихни ўзгартириш учун ўзгартирилган одамлардан фойдаланади. Биз учун бирор нарса қилишини сўраб Худога ёлворамиз, У эса бизнинг ичимизда ва ёнимизда ҳаракат қилишни афзал кўради. Бунинг исботи сифатида Худо мумкин қадар энг катта яқинликни намойиш қилиб, ўз бирдамлигини кўрсатди: Худонинг Ўғли, Иммануил инсониятга қўшилди. Бу сўзни биринчи марта Исроилдаги ички урушлардан бирида Ишаё пайғамбар ишлатган. «Ана, қиз ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди», – деди у ўз башоратида, кейинчалик уни Матто Исога нисбатан қўллаган. Бошқа парчаларда Ишаё «Ажойиб Маслаҳатчи, қудратли Худо, Абадий Ота, Тинчлик Шаҳзодаси» деб аталадиган ва бир кун келиб ер юзида адолатни тиклайдиган болани тасвирлаган. Ёнма–ён яшаш Йел университетининг таниқли файласуфи Николас Уолтерсторфнинг эътиқоди – унинг 25 ёшли ўғли тоғда альпинизм билан шуғулланаётганида ҳалок бўлганида – жуда қаттиқ синовдан ўтди. Ўзининг ихчам ва ғамгин «Ўғил учун нола» китобида ўша давр ҳақида мулоҳаза юритар экан, у бизга «нега?» деган саволга жавобдан ҳам кўпроқ керак бўлган нарсалар бор, деган хулосага келади. Қайғуларимизда Худонинг мавжудлигининг тасдиғи зарур. Ва Уолтерсторф ўша Мавжудликни «Иммануил» исмини қабул қилган Зотдан топди. Қандайдир сабабларга кўра, Худо инсонларнинг дардига сеҳрли таёқчани силкитиб, ёвузлик ва азобларни йўқотиб эмас, балки уларни шахсан қабул қилиш орқали жавоб беришни танлади. Юҳанно ўз Хушхабарининг муқаддимасида «Калом инсон бўлди, орамизда яшади», – деб ёзган. Азоблар олдида сўз етмай қолади. Биз янада каттароғига – Худо бизни ташлаб қўймаганининг жонли далили – вужудга айланган Каломга муҳтожмиз. Дитрих Бонхёффер айтганидек, «фақат азоб чеккан Худогина ёрдам бериши мумкин». Южин Петерсон «The Message»да Юҳанно Хушхабаридаги ушбу оятни қуйидагича таржима қилади: «Калом тана ва қонга айланди ҳамда биз билан ёнма–ён яшади». Исо қаерда яшади? Бу саволга жавоб бериш учун тарихга қисқача тўхталиб ўтамиз. Буюк империялар бирин–кетин Исроил ҳудуди бўйлаб ваъда қилинган ерга гўёки оёқларини артгандек ўтишарди. Оссурияликлар ва бобилликлардан кейин форслар келиб, улар ўз навбатида Искандар Зулқарнайн томонидан мағлубиятга учрадилар. Унинг ўлимидан сўнг, унинг қўл остидаги ҳудудлар бир нечта ворислар ўртасида бўлинди, улардан энг жирканчи Антиох IV Епифан бўлиб, у яҳудийлар томонидан Гитлер пайдо бўлгунга қадар ёвузликнинг тимсоли деб ҳисобланган. Бошқа фронтлардаги ҳарбий мағлубиятлардан ҳафсаласи пир бўлган Антиох яҳудий динига қарши урушга киришди. У Худонинг маъбадини Зевснинг саждагоҳига айлантирди ва ўзини вужуддаги худо деб эълон қилди. Антиох суннат бўлган ўғил болаларни ҳолатини тиклаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур қилди ва чўчқа гўштини истеъмол қилишдан бош тортган кекса руҳонийни қамчи билан уриб ўлдирди. Унинг энг машҳур ваҳшийликларидан бири бу Муқаддаслар Муқаддасини таҳқирлаш – қурбонгоҳдаги чўчқа қурбонлиги бўлиб, унинг қонини маъбаднинг бутун ибодатхонасига суртиб чиқишган. Антиохнинг ҳаракатлари яҳудийларни шунчалик ғазаблантирдики, улар Маккабийлар бошчилигида қуролли қўзғолон кўтардилар. қўзғолоннинг ғалаба билан якунланишини яҳудийларнинг Ҳанукка байрами нишонлайди. Бироқ, ғалабанинг умри қисқа бўлди. Кўп ўтмай, Рим легионлари қўзғолонни бостирган ва Ҳиродни «яҳудийларнинг шоҳи» этиб тайинлаган Фаластинга қарши юриш қилишди. Рим истилосидан кейин деярли бутун мамлакат вайронага айланганди. Етмиш ёшга яқинлашиб қолган Ҳирод тез–тез касал бўлар, лекин кейин унга Байтлаҳмда янги шоҳ туғилгани ҳақида миш–мишлар тарқалди ва тез орада: «Фалак тоқидаги Худога шарафлар бўлсин, Худодан марҳамат топган ердаги бандаларга тинчлик келсин!» фаришталарнинг улуғвор қўшиғи – ўлдирилган гўдаклар оилаларининг мотамсаро фарёдларига ғарқ бўлди. Исо, ўтмиши қайғули ва келажаги қўрқинчли бўлган қоронғу жойга кўчиб ўтди – бу мен Сараевода кўрганимдан унчалик фарқ қилмасди. I асрда Исроил мағлубиятга учраган, даҳшатга тушган халқ эди. Бир марта, бир кунда босқинчилар саккиз юзта фарзийни хочга михладилар. Диндор яҳудийлар биз билан бўлган «Иммануил» га ишонишди ва бу барча ташқи белгиларга қарамай, Худо биз билан барча муаммоларга шерик бўлаётганидан дарак эди. Исонинг Ўз ҳаёти – ўз хоҳишига кўра тортилган азоблар тарихидир, чунки У ҳам римликларнинг қурбони бўлди. Исонинг ўлимидан бир неча ўн йиллар ўтгач, Рим легионлари Қуддусни қамал қилишди. Бу Сараево қамали каби тўрт йил давом этган узоқ кураш эди. Ниҳоят, римликлар деворларни ёриб ўтиб, шаҳарга бостириб киришди ва унинг миллионга яқин аҳолисини ўлдиришди. Бир тарихчи буни «қадимги дунё тарихидаги энг катта қирғин» деб атаган. Оқибатда шундай бўлишини кўра олган Исо шаҳар учун йиғлаган: «Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг». Яна бир бор, Худо Ўз ҳокимиятидан фойдаланиб тарихнинг йўналишини ўзгартиришга йўл қўймади. Мен Исодан Худо азоб чекаётганлар томонида эканлигини билиб олдим. Худо инсоният тарихи драмасига унинг қаҳрамонларидан бири сифатида кирди – Ўзининг қудратлилигини намойиш қилмасдан, балки бизга имкон қадар яқинлашиб, ўта ҳимоясиз бўлиб қолди. Кичик миқёсда, шахсий муносабатлар даражасида, Исо ҳар биримизга хос бўлган бир хил азобларга дуч келди. Ва у уларга қандай муносабатда бўлди? Фалсафий назариялар ва илоҳиёт сабоқларидан қочиб, Исо шифо ва раҳм–шафқат қўлини узатди. У гуноҳларни кечирди, жабрланганларга шифо берди, ёвузликни қувиб чиқарди ва ҳатто ўлимни енгди. Исонинг ер юзидаги қисқа умри бизга нафақат келажакка ёрқин, товланувчи калит берди, балки биз Унинг издошлари сифатида жабрланганларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклигининг ёрқин намунаси бўлди. Иммануилнинг келиши ҳақидаги ваъда ва Исонинг биз учун қолдирган намунаси ниманидир ўзгартирадими? Албатта, улар нима учун ёвузлик борлиги ва нега ёвуз одамлар роҳат–фароғатда бўлган бир пайтда бегуноҳ одамлар азоб чекишади (Сараево қамали қурбонлари каби) деган саволларга жавоб бермайдилар. Ва шунга қарамай, улар бизга Худони ер юзида содир бўлаётган воқеаларга мутлақо таъсир қилмайдиган узоқ мавжудот сифатида эмас, балки барчасини шахсан бошдан кечиришга тайёр бўлган Зот сифатида кўришга ёрдам беради. Ўзини инсоният билан чуқур ва раҳм–шафқат билан тенглаштирувчи Худонинг намунаси ҳеч бир динда йўқ. Биз азобларни ёлғиз эмас, балки ёнимизда бўлган Худо билан бирга бошдан кечирамиз. Иккита ҳикоя, бунга ишониш ҳақиқатан ҳам кўп нарсаларни ўзгартиришини кўрсатади – ҳеч бўлмаганда, баъзилар учун. Улардан биринчисида Генри Нувен ўзининг Перуга қилган саёҳати давомида ундан ўн етти ёшли болани дафн этиш маросимини ўтказиб беришни сўрашгани ҳақида гапириб беради. “Мен ўзимга бу боланинг онасига қандайдир тасалли беришим кераклигини айтдим, – деб эслайди Нувен. – Тасаввур қилинг: унинг ўн етти ёшли ўғлини ўлдиришди. Қандай азоб, қандай мусибат! Бундай азобли вазиятга аралашишга тўғри келганда, ҳаммамизда бўлгани каби мен ҳам бир оз асабийлашдим”. Унинг олдида марҳумнинг онаси, яна иккита ўғли, холаси, амакиси ва бобоси турарди. Нувен ўзининг улкан илмий билимлари ва психологик тайёргарлигидан бир лаҳзага нимани жалб қилишни ўйлади. «Мен сизга қанчалик ҳамдард эканлигимни айтмоқчиман...», – деди у дудуқланиб. «Граcиас, падре, граcиас. Мучас граcиас», – дея, оила аъзолари қайта–қайта такрорларди, тўғри сўзларни топишга қийналар эканман. «Мен шунчаки айтмоқчиманки...» – Нувен яна гап бошлаганди, лекин унинг гапини яна бўлишди: «Граcиас, падре, мучас граcиас». Ҳар гал нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтласа, дудуқланиб қолар, бу одамлар эса унга раҳмат айтишарди. Ниҳоят, марҳумнинг онаси келиб: «Ота, хафа бўлманг! Эгамиз бизни севишини билмайсизми? Мана, ўғилларим, мана – холам ва амаким. Келинг, биз билан тушлик қилинг. Бизникида меҳмон бўлинг. Биз Тонини йўқотиш азобига чидай оламиз, чунки Худо биз билан», – деди. Иккинчи ҳикоянинг қаҳрамони – Кристиан Уиман: Техасда диний оилада ўсган, кейин имони совиган, университетларда дарс берган, дунё бўйлаб кўп саёҳат қилган ва ниҳоят ўрнашиб, Американинг энг қадимги шеърият журнали «Poetry» муҳарририга айланган шоир. Турмуш қурганига кўп ўтмай, 39 ёшида унга қон саратонининг кам учрайдиган, даволаб бўлмайдиган шакли ташхиси қўйилди, бу уни азобли тиббий одиссеяга олиб келди ва йўқолган имонини қайтариш учун қилган тинимсиз саъй–ҳаракатларини рағбатлантирди. Иккинчисини Уиман ўзининг «Менинг ёрқин тубсизлигим» номли ажойиб мулоҳазаларида тасвирлайди: Мен масиҳийман, Исо инсоний аччиқ косани охиригача ичиб: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?!” (Биламан, биламан: У Забурдан иқтибос келтирган. Лекин қийналганида ким шеърдан иқтибос келтиради? Гап сўзда эмас, балки Исо инсоннинг муҳтожлигини бутун тўлалигича ҳис қилганида. Гап шундаки, азобларда Худо биз билан биргадир, биздан четда эмас) деган хочдаги ўша лаҳзага раҳмат. Шахсий ҳаётимда Масиҳнинг жафолари қандай аҳамиятга эга эканлигини тушунганим учун мен масиҳийман. Унинг айтишича, инсоннинг энг катта дардини ифодаловчи мутлақ ёлғизлик ва яккалик бу – иллюзиядир. Мен ўлим тўшагингизда сизга тасалли бериш учун хизмат қилувчи фаришталар тушишини мўлжаллаётганим йўқ. Мен Масиҳнинг азоблари инсоннинг шахсий азобларини ўраб турган темир деворларни қандай парчалаши ҳақида гапиряпман. Масиҳнинг ҳамдардлиги туфайли чегаравий инсоний ҳамдардлик ҳатто ўлимгача ҳам бориши мумкин. Шундай қилиб, инсон севгиси ўлимнинг нақ тубигача етиб бориши мумкин, лекин фақат, агар у шунчаки инсоний севги бўлганда эмас, албатта. Буни тушуниб етганингда, унчалик ёлғиз бўлмайсан, – дейди Уиман. Худо йўқ деб ҳисоблайдиган ёки У биз ҳақимизда қайғурмайдиган замонавий дунёда “Мен шу ердаман”, деб чақираётган Худо – Масиҳдир”. Исо туфайли, бизни ташвишга солаётган ҳамма нарса Худони янада ташвишга солаётганига амин бўлишимиз мумкин. Биз қанчалик қайғурмайлик, Худо бизданда кўпроқ қайғуради. Ва биз нимани соғинсак, Худо унданда кўпроқ соғинади. Умид учқуни Исонинг ҳаёти азоблардан келиб чиққан саволларга жавоб беришга қанчалик ҳисса қўшишини тўлиқ тушуниш учун мен исталган бошқа йўналишга қарашим керак. Ҳар бир файласуф мактаби ва дин қандайдир тарзда азобларни ўз контекстида қабул қилиши керак ва Япония, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ каби жойларга саёҳат қилиб, мен бошқа ёндашувларни кўрдим. Буддавийлик рўйирост тан олади: «Ҳаёт – бу азобдир» – ва уларни қандай қабул қилишни маслаҳат беради. У истак ва қўрқувсиз яшашни ўрганиш орқали биз азобларни қуролсизлантиришимиз ва ички хотиржамликни топишимиз мумкинлигини ўргатади. Ислом ҳамма нарсага бўйсунишни тавсия қилади, чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлади. Ислом мамлакатларидаги шифокорлар менга, кичик фарзандлари вафот этганларида ота–оналар камдан–кам ҳолларда норозилик билдиришларини айтишади. Ҳа, улар ғамга ботадилар, лекин улар қаршилик кўрсатмайдилар. Бангладешдаги бир миссионер эса маҳаллий аҳолининг XX асрдаги энг даҳшатли табиий офатга бўлган муносабатини эслади: 1970 йилда ярим миллион одам ҳалок бўлган улкан тошқин. «Албатта, ҳамма изтиробга тушиб ҳайратда қолганди, – дейди у, – лекин мен нима қилишни билмай қолган одамни деярли учратмадим. «Нега?» деган саволни камчилик берарди, ҳамма табиий офатни Худонинг иродаси сифатида қабул қиларди». Ҳиндуизм бундан ҳам узоқроққа бориб, биз азобларга лойиқмиз, чунки бу аввалги ҳаётда қилинган гуноҳларимизнинг натижаси, – деб ўргатади. Ведаларда карма қонуни бор: «Бу ерда яхши хулқ–атворга эга бўлганлар тезда браҳман, жангчи ёки савдогар бўлиб туғилиб, яхши қайта туғилишади. Аммо бу ерда хулқ–атвори ёмон бўлганлар ит, чўчқа ёки қувғин бўлиб туғилиб, тезда ёмон қайта туғилишади». Ўз навбатида, дунёвий ҳукуматлар азобларга уларни йўқ қилишга бўлган умидсиз уринишлар билан жавоб беришади. Соғлиқни сақлаш хизматлари чечак ва юқумли полиомиелитнинг аксарият шаклларини йўқ қилди ва безгакка қарши курашда катта муваффақиятларга эришди, аммо тез орада ОИТС, «парранда» гриппи ва йиртқич бактериялар каби янги душманларга дуч келди. Муҳандислар Янги Орлеан атрофида тўғонлар ва Япония қирғоқлари бўйлаб тўлқинкесарлар қуришди, кейин эса табиатнинг мисли кўрилмаган кучлари олдида муваффақиятсизликка учрадилар. Ироқдаги уруш тўхтади, аммо Афғонистонда, ундан кейин эса – Тунис, Ливия, Миср, Сурия, Яман, Мали, Суданда зўравонлик авж олди. «Колумбайн» мактаби, Виржиниядаги Политехника университети, Аврора шаҳридаги кинотеатр, Ньютаун бошланғич мактабининг деворларида отишмалар янгради. Қачондир бундай фожиаларга чек қўя оламизми? Ироқда, Англияда, Испанияда, Афғонистонда, Бостонда, Покистонда террорчилар бомбалари портламоқда... Муаммоларни ҳал қилиш бўйича бизнинг яхши ниятли ҳаракатларимиз охир–оқибат компьютер ўйинига ўхшайди: бир босқичдан қанчалик яхши ўтсангиз, кейинги босқичда сизни шунчалик катта қийинчиликлар кутиб туради. Яҳудий пойдеворига қурилган масиҳийлик шу қадар хилма–хил қарашларни акс эттирадики, бу жумбоқдек кўринади. Бир томондан, у норозиликни рағбатлантиради ва ҳатто унга мос сўзларни ҳам тақдим этади, лекин бошқа томондан, юқорида айтиб ўтганимдек, норозиликни ифодаловчи Муқаддас Китоб парчалари жасур умид учқунлари билан ёритилган. Исонинг издошлари бир кун келиб Худо бу сайёрани азоб ва ўлимдан даволайди, деган қатъий ишонч билан ўз даъволарига асосланадилар. Ўша кун келгунга қадар, Худога қарши баҳслар муқаррар равишда тўлиқ бўлмаган далилларга таянади. Биз оғриқлардан азоб чекаётган дунёмизни меҳрибон Худо билан яраштира олмаймиз, чунки биз ҳозир бошдан кечираётган нарса Худонинг режасига тўғри келмайди. Исонинг ўзи Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби ерда ҳам» бўлишини сўради, бу ибодатга ёвузлик ва азоблар охир оқибат мағлуб бўлмагунча тўлиқ жавоб берилмайди. Эли Стенли Жонс – ўтган асрнинг таниқли методист–миссионери, Ҳиндистонда ишлаган – бутун умри давомида Шарқ фалсафасини ўрганган ва азоблар мавзуси бўйича дўсти Махатма Ганди билан гаплашиб, кўп вақтини ўтказган. Жонс ҳиндларнинг оғриқни хотиржамлик билан қабул қилишларига қойил қоларди. Ахир, уларнинг эътиқодлари азобларнинг мавжудлигини мантиқий изоҳлаб берди. Жонс таъкидлаганидек, «ҳиндуизм ва буддавийлик ҳамма нарсани оқлайди ва ҳамма нарсани ўз ҳолича қолдиради», масиҳий дунёқараши эса озгина тушунтириш беради, лекин ҳамма нарсани ўзгартиради. «Худо барча касалликларнинг шифосини беришни хоҳлайди», – дея хулоса қилади у. Баъзилари – жарроҳлик ва тиббий даволаш орқали; баъзилари – фойдали амалиётлар орқали; баъзилари – мўъжиза орқали, лекин ўликларнинг тирилишида охирги шифони кутишлари керак бўлганлар ҳам бўлади. Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, Худо азобларнинг ўзидан ҳам яхши нарсаларни чиқара олади: «юқори мақсадлар учун фойдаланиладиган ёки шифоланадиган оғриқ, азоб, дард, тушкунлик, умидсизликнинг ўзи йўқ». Баъзи «фаровонлик хушхабари» ўқитувчиларининг фикрларидан фарқли ўлароқ, Муқаддас Китоб азоблар биздан олиб ташланишига кафолат бермайди. Бу фақат улар қандайдир тарзда яхшилик учун хизмат қилишини ёки замонавий тилда айтганда «қайта ишланган» бўлишини ваъда қилади. Ишлатилган, ғижимланган алюминий қутиларни кимдир улардан фойдали нарса чиқариб олади деган умидда қайта ишлаш марказига олиб бораман. Қайсидир ўз ишининг устаси ундан олтин ва нодир металларни эритиб олишини ва улар яна қаердадир «хизмат қилишини» билиб, эскирган компьютеримни ташлаб юбораман. Параллелларни ўтказиб, шуни айтиш мумкинки, азоблар ҳам кимнингдир ҳаётини бойитиб қайта ишланади. Мен азобларнинг фойдали эканлигининг кўплаб далилларини кўрдим. Масалан, актёр Майкл Фокснинг ёзишича, у Паркинсон касаллиги билан муросага келишга мажбур бўлган оғир йиллар “ҳаётимдаги энг яхши ўн йил бўлди – бу менинг касаллигимга қарамай эмас, балки у туфайли”. Касаллик уни шуҳратпараст, муваффақиятга берилиб кетган одамдан бошқаларга нисбатан ўйчан ва ҳамдард одамга айланишга мажбур қилди. “Агар сиз ҳозир бу хонага кириб, келишувга эришганингизни эълон қилсангиз... унга кўра, менинг ташхисимдан кейинги ўн йил сеҳрли тарзда ғойиб бўлади ва бунинг эвазига мен ўзимнинг аввалги ҳолимдаги яна ўн йилни олишим мумкин, деб келсангиз, мен заррача иккиланмасдан сизга чиқиб кетинг, деб айтаман. Мен ҳеч қачон ўша ҳаётга – ёлғизлик, ажратиш ва ўзини ўзи ёқтириш орқали қабул қилинадиган яширин, тор ва қўрқувга тўла ҳаётимга қайтмасдим”. Эзгулик йўлидаги азоб Масиҳийларнинг азоб–уқубатларга бўлган нуқтаи назари унинг фойдали хусусиятларига қаратилган. Азобнинг ўзи ғазабланган норозиликни келтириб чиқариши мумкин бўлса–да, у ҳаётга яхши ҳисса қўшиши ҳам мумкин. Худо азобларни яхшиликка эришиш учун юборади, деб ишонадиганларга қўшилмайман. Йўқ. Сиз Муқаддас Китобда касалларга шундай деган Исони учратмайсиз: «Сендан қон кетиш (ёки фалажлик, ёки моховлик)нинг сабаби – Худо сенинг тийнатинг(характеринг)ни шакллантириш устида ишламоқда». Исо бу одамларга маъруза ўқимаган – У уларни даволаган. Бироқ, азоб ҳақида гапирадиган деярли барча Янги Аҳд парчалари, ҳатто «ёмон» нарсаларни ҳам қандай қилиб яхши нарсаларга айлантириш мумкинлигини кўрсатади. Павлус, Ёқуб ва Бутрус имонлари учун ноҳақ қувғин қилинган имонлиларга ёзган мактубларида бир овоздан азобларнинг фойдали қийматини таъкидлайдилар. Масалан, Павлус римликларга шундай деб ёзган: «...азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз. Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феъл–атвор эса умидни ҳосил қилади». Ҳаворий Павлус қийинчилик билан эришган ютуқларини гўнг уюмига ўхшатган. Аммо гўнгни ҳам фойда билан ишлатиб, ўғит сифатида «қайта ишлаш» мумкин. Мартин Лютер Кинг, Нельсон Мандела ва Солженициннинг азоблари охир–оқибат яхшилик учун эди, аммо уларнинг ҳеч бири бу қандай содир бўлишини тасаввур қила олмаган. Шунингдек, тарихдаги энг даҳшатли жиноят – Худо Ўғлининг қатл этилишини – биз маъюс ёки фожиали эмас, балки Буюк жума сифатида эслаймиз. Исо хочга михланишнинг олдини олиш учун фаришталардан иборат легионларни чақириши мумкинлигини айтганди, лекин у бундай қилмади. Гуноҳни ювиш йўли азобни четлаб ўтмайди, балки у орқали ўтади. Сараеводан қайтганимдан бир неча ҳафта ўтгач, мен дўстим, Уитворт коллежи профессори Жерри Ситсернинг фойдали азоблар ҳақидаги шахсий достонининг иккита – эски ва янги – китобини қайта ўқиб чиқдим. Йигирма йил аввал, Жерри ўз оиласини микроавтобусда Айдахо далалари ичра олиб кетаётганида, соатига 140 километр тезликда келаётган маст ҳайдовчи бурилишга тўғри келмай, ўрта чизиқдан сакраб ўтиб, тўғридан–тўғри Ситсерларнинг машинасига бориб урилган. Кейинги бир неча дақиқада, унинг оиласини жонлантиришга уринишларга қарамай, Жеррининг хотини, онаси ва тўрт ёшли қизи унинг кўз ўнгида вафот этган. У бир вақтнинг ўзида уч авлод яқинларини йўқотган, унинг омон қолган учта фарзанди эса оғир жароҳатлар олишган. Жерри ушбу фожиани ўзининг кўпчиликка ўз қайғу ва йўқотишларини енгишга ёрдам берган «Яширин иноят» китобида тасвирлаб берган. Унда у фарзанд тарбиясини тўлиқ ставкадаги иш билан уйғунлаштирган бева қолган отанинг қайғу ва ҳаёт қийинчиликлари босқичларини батафсил тасвирлаб беради. Жерри шундай деб ёзади: «Мен ҳар кечқурун ўзимни ўта бемажол ва сўлғин ҳис қилганимда севимли курсимга чўкиб, яна бир кунни бошимдан кечиришимни, ҳатто – уни бошимдан кечиришни исташимни билмаганимни эслайман. Мен учун ҳаётнинг ўзи жазо эди ва ўлим, узоқ кутилган енгиллик келтирган бўларди, деб ўйлардим». Жерри ҳаётида бурилиш лаҳзасига дуч келганди. Келажак унинг устида улкан, қўрқинчли номаълумлик каби осилиб турарди. «Автоҳалокат туфайли юзага келган йўқотиш ҳаётимни ўзгартириб, мени пасайиб борувчи курсга туширди ва мен хоҳлайманми ёки йўқми ундан ўтишим керак эди. Менинг елкамда катта юк бор эди. Бу даҳшатли синов эди. Мен бутун ҳаётимдаги энг катта синовга дуч келдим. Унинг бир босқичи тугади ва мен бошқасига, энг қийинига кираётгандим». Йигирма йил ўтгач, Жерри «Кўрсатилган марҳамат» номли китобининг давомини ёзди, унда у ўша вақт ичида содир бўлган воқеаларни ҳикоя қилади: талабалар ва университет ҳамжамиятидан олган амалий ёрдами; болаларни онасиз тарбиялашнинг қийинчиликлари ҳақида; ва ниҳоят, иккинчи никоҳ ва аралаш оилаларнинг янги муаммолари. Павлус эслатиб ўтган сўзларнинг ҳар бири: «сабр», «тажриба», «умид» Ситсернинг ҳикоясида маълум бир роль ўйнайди, китобнинг кириш қисмида эса «тузатиш», яъни «қутқарилиш» (“сотиб олиш”) тушунчасига эътибор қаратилган. Ситсер таъкидлаганидек, «ре–» префикси билан бошланган сўзларнинг аксарияти ўтмишга қайтишни, қандайдир бошланғич ҳолатга қайтишни англатади. Биз эски уйни қайта–таъмирлаймиз (ре–монт); идорани қайта–ташкил этамиз (ре–организация); ишни қайта–тузамиз (ре–структиризация), беморни қайта–жонлантирамиз (ре–анимация)... Re–demption – “қутқармоқ/сотиб олмоқ” сўзи келажакка ишора қилиб, янги ўлчам қўшади. Пул эвазига қайтариб олинган қул янги ҳаёт учун озод қилинади; қутқарилган гуноҳкор янги иноят ҳолатига киради. Бироқ, қўшимча қилади Жерри, “қутқармоқ/сотиб олмоқ” ҳар доим қийматни назарда тутади. Кимдир қулни қутқариб олиш учун ҳақ тўлаши керак ва АҚШ фуқаролар уруши ҳолатида эса бутун халққа ҳақ тўланиши керак эди. Сайёрани қутқариш учун Кимдир ҳақ тўлаши керак эди. Мен қутқариш билан боғлиқ яна бир далилни қўшмоқчиман: ҳатто янги ҳолатда ҳам чандиқлар йўқолмайди. Сотиб олинган қул том маънода қўллари, оёқлари ва орқасида кишанлар ва калтаклар туфайли чандиқларни кўтариб юради. Озод қилинган пиянистанинг жигарида чандиқлар қолади. Яхшиликка тортилган азоблар ҳам чандиқларни назарда тутади. Хуллас, автоҳалокат ва унинг оқибатлари Жерри ва унинг фарзандлари хотирасидан ҳеч қачон ўчирилмайди. Цунамидан омон қолган одамлар; Сараеводаги уруш қурбонлари; Ньютаун жамоаси – уларнинг барчаси азобларга чидаш йўлини топиши ва ҳатто ундан яхши нарса олиши мумкин, аммо азобли хотиралар ҳеч қачон йўқолмайди – улар йўқолмаслиги ҳам керак. Ҳатто Исонинг қайта тирилган жасади ҳам чандиқларини сақлаб қолган4. «Кўрсатилган марҳамат»нинг сўнгги бобида Жерри китобни болалар ҳикояси каби ширин ва оптимистик тарзда, «улар узоқ ва бахтли яшадилар» деган қувончли сўзлар билан якунлай олмаслигини тан олади. Охир–оқибат, биз бундан кейин ҳам узоқ ва бахтли яшаймиз, лекин қутқарилиш тарихи тугагандан кейингина, бу эса маълум бўлишича, яқин орада бўлмайди. Ҳозир эса биз бу ҳикоянинг ўртасида, гўё уйнинг ярим тугалланган реконструкциясидаги тартибсизлик ва саросимага тушиб қолгандекмиз. Эҳтимол, бизда фақат битта боб қолгандир, балки – элликта. Келгуси бир неча йил ичида биз бугун дуч келган нарсаларга дуч келишимиз ёки шу қадар кескин ўзгаришлар арафасида бўлишимиз мумкинки, агар биз улар ҳақида олдиндан билсак, қўрқув ёки ҳайратдан (ёки уларнинг иккаласидан ҳам) ҳушдан кетиб қолишимиз мумкиндир. Эҳтимол, биз ҳаётимизнинг энг бахтли, эҳтимол – энг қайғули даврига кирмоқдамиз. Биз буни билмаймиз – била олмаймиз ҳам ... Менимча, фақат битта яхши вариант бор: нима бўлишидан қатъий назар, биз, бу қутқарилиш ҳикоясининг ичида қолишимиз керак. Бу бизга қанчалик ноаниқ туюлмасин, буни Худонинг Ўзи ёзганига амин бўлишимиз керак. Ўсиш учун макон Даллас Уилларднинг сўнгги китобларидан бири «Илоҳий фитна»да қуйидаги сўзлар тушунтиришда яширинган: «Худонинг кенг оламида бизнинг тақдиримиз йўлида биз билан тузатиб бўлмайдиган ҳеч нарса содир бўлмайди – ва бўлиши ҳам мумкин эмас». Шахсан мен учун бу ибора Римликларга мактубнинг саккизинчи бобида баён этилган умумбашарий тарихнинг буюк схемасини умумлаштиради. «Ким бизни Масиҳнинг меҳр–муҳаббатидан ажрата олади?» – риторик тарзда сўрайди Павлус ва қувғинга учраган миссионер сифатида бошидан ўтган синовларни санаб ўтади: «Азоб–уқубатми, изтиробми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф–хатарми ёки қиличми?» Йўқ, чунки «Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра даъват этди». Ва «Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?!» Бутун Муқаддас Китоб – тузалиш ва қутқарилиш ҳикоясидир: Одам Ато ўзининг қотил ўғли Қобил билан иккинчи имкониятга эга бўлиши ҳақида; қўпол хатолари ва ёлғонларига қарамай Иброҳим ва Ёқуб кабиларга ато этилган неъматлар ҳақида; зиндон ва ёлғон айбловлардан кейин Юсуф ва Дониёрнинг ғалабалари; ўжар Мусо, шаҳватпараст Довуд ва йиғлоқи Еремиё ҳақида; Исонинг аждодлари рўйхатида Матто эслатиб ўтган қотиллар, зинокорлар ва ёвуз шоҳларнинг ранг–баранг гуруҳи ҳақида; бошқалар учун жонини фидо қилган Исонинг Ўзи ҳақида. Роман ёзувчиси Мэрилин Робинсон айтганидек: «Муқаддас Китоб ҳикоясида Нуҳ ва унинг оиласи бўладими, Исроил халқи ёки Масиҳ томонидан қутқарилганлар бўладими – Буюк қутқарилиш мавзуси қайта–қайта такрорланади. Албатта, йўқотиб бўлмайдиган даражада қимматли қолдиқ борки, унда у ёки бу тарзда бутун инсоният нажот топади ва бу фикр ҳамиша улкан, марҳаматли умид бахш этган». «Биз билан ўнгланмайдиган ҳеч нарса бўлмайди» – Мен бу сўзларнинг тасдиғини ҳатто урушдан вайрон бўлган Сараевода ҳам кўрдим. Мен қирқ иккита артиллерия снарядидан зарар кўрган монастирда яшадим, лекин Маркович ота ва унинг бошқа роҳиблари томонидан меҳр билан тикланди. Масиҳийларнинг кўпчилиги шаҳарни мусулмонларга қолдириб қочиб кетган бўлса–да, францисканлар ордени Сараевони тарк этмади. Улар камбағалларга озиқ–овқат тарқатишди, уйсизларга ёрдам беришди ва тинчликни сақлаш учун нозик вазиятни бошқардилар. Мен монастирда ўтказган биринчи кечада яҳудийлар (Сараевода бир неча юз киши қолган) ва мусулмонлар иштирокида Авлиё Франциск шарафига ўтказилган концерт ва кўп конфессияли йиғилишда қатнашдим. Охир оқибат, у тўғридан–тўғри душманнинг жанг чизиғидан ўтиб салиб юришларини тўхтатишга уриниб, сарацинлар билан юзма–юз келган. Эртаси куни кечқурун мен Эллигинчилар жамоатида нутқ сўзладим. Жамоат чўпони менга у Худодан чуқур кўнгли қолган қалбнинг қоронғу кечаси ҳақида гапириб берди. Қамал ва бомбардимон пайтида унга саратон касаллиги ташхиси қўйилди ва кўп ўтмай унинг хотини фарзанд кўради – бола мия фалажи билан туғилади. Бу жамоат чўпони ҳам қамал қилинган шаҳарда қолишга қарор қилди. Унинг жамоати ўсишда давом этарди, чунки ҳеч ким қаерга мурожаат қилишни билмас эди. «Худо йўқдек бўлиб туюлганда, Унинг иштирокини исботлаш айнан бизга юкланади», – деди жамоат чўпони менга. Бу дунё, Иммануил, Худо биз билан, деган ҳақиқатни, асосан фақат Унинг издошлари туфайли билиб олади. Табиий рефлексга бўйсунган ҳолда, биз азоблардан қочишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, қайсидир бир пайт биз улардан чиқиб кетишнинг осон йўли бўлмайдиган – Виктор Франкл концлагерда ёки Сараеводаги қамал пайтида бошдан кечирган каби «муқаррар азоб» билан – қийинчиликка дуч келамиз. Исонинг Ўзи бундан халос бўлмаганидек, Масиҳнинг издошлари ҳам ёвузлик ва ўлим фожиаларидан халос бўлишмаган. Шу билан бирга, синовлар биз билмаган жасорат, севги ва раҳм–шафқатнинг яширин захираларини уйғотиб, иноятнинг ишлаши учун замин яратиши мумкин. Жон Ортберг бир вақтлар руҳий шаклланиш жараёни бўйича тадқиқотлар олиб боришга ёрдам берган. Минглаб одамлар билан суҳбат ўтказилди, уларга: «Ҳаётингизнинг қайси даврида руҳан энг кўп ўсгансиз ва бу ўсишга нима ёрдам берди?» – деган савол берилган. Асосий ёрдамчи омилни аниқлаб, Ортберг ҳайратда қолди. Маълум бўлишича, бу – жамоат чўпонларига оид таълим эмас, кичик гуруҳлардаги мулоқотлар эмас, ибодат хизматлари ва диний китоблар эмас, балки азоблардир. Одамларнинг айтишича, йўқотиш, азоб ва инқироз даврида бошқа вақтга қараганда кўпроқ ўсишган. Биз азобларнинг яширин қийматини фақат азобнинг ўзи орқали билиб оламиз – Худонинг биз учун асл ёки мукаммал режасининг бир қисми сифатида эмас, балки синовлар ўртасида содир бўлаётган фойдали ўзгариш сифатида. Маст ҳайдовчининг айби билан автоҳалокатда эри ва икки ёшли қизини йўқотган ёзувчи Пола Д’Арси – «Катрина» бўрони каби йирик офатлардан омон қолганлар учун психологик реабилитация гуруҳларини олиб боради. «Мен ҳаётнинг иккита даражаси борлигини англадим, – дейди у ўз қайғуси ҳақида ўйлаб. – Бири сизнинг ҳаётингизнинг кичик бир ҳикояси, иккинчиси эса – биз билан содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан ташқари кучга эга бўлиш учун қалбларимизни уйғотишга ёрдам беришга ҳаракат қилаётган Худо Руҳининг ҳаракати. Қайғу – мен бу кучни топган эшик бўлди. Шундай ёш вақтимда руҳан синганим кўп жиҳатдан менга катта инъом бўлди, чунки энди ўрганганларимдан умримнинг охиригача фойда олишим мумкин... Бошқа нима бўлишидан қатъий назар, – мен ичимда ҳар қандай зулматдан буюкроқ ўз ўрнимни топдим». Албатта, азоб туфайли ўсиш ўз–ўзидан келмайди. Атроф–муҳит ва доно севгининг ёрдамисиз, азоблар яккаланиш ва умидсизликка олиб келиши мумкин. Ва шунга қарамай, журналист сифатида мен уларнинг алкимёсини кўп жойларда кўрганман: Ҳиндистондаги мохов колониялари беморлари орасида, Хитой ва Бирма қамоқхоналаридаги жамоат чўпонлари, Чикагодаги камбағал нафақахўрлар, Колорадодаги хосписда яшовчилар, саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли шароитлар билан курашаётган дўстлар ва танишлар орасида. Томоқ саратони билан касалланган Маргарет исмли шотландиялик аёлга бир неча яхши ниятли меҳмонлар ташриф буюришди, улар бирин–кетин касалхона палатасига ҳамдардлик изҳор қилиб келишди. Унга гапириш қийин бўлганлиги сабабли, у қоғозга қуйидаги сўзларни ёзди: «Бу, ҳаётда бўлиши мумкин бўлган энг ёмон нарса эмас! Саратон жуда чекланган. У севгини заифлаштира олмайди, умидни синдира олмайди, имонни буза олмайди, тинчликни йўқ қила олмайди, ишончни йўқ қила олмайди, дўстликни ўлдира олмайди, хотираларни ўчира олмайди, жасоратни йўқота олмайди, Руҳни сўндира олмайди ёки Исонинг кучини заифлаштира олмайди». Саратоннинг 4–босқичини бошдан ўтказаётган яқин танишларимдан бири ундан ҳам узоқроққа борди ва унинг азоблари ва у ўтказган кимётерапия ўртасида параллелликни кўрсатди. Аёл кимётерапия хавфли саратон ҳужайраларини ўлдириш учун мўлжалланганини билар эди ва Худодан худди шундай «хавфли, азобли синовдан менинг қалбимдаги худбин, шафқатсиз ва Уни ҳақорат қиладиган барча нарсаларни йўқ қилиш, чарчатиш ва ўлдириш учун ишлатишни сўради. Мен Унинг осма дорисини бажонидил қабул қиламан, чунки У менга охир–оқибат мен тасаввур қилганимдан ҳам фаровонроқ ҳаётга олиб борадиган нарсани танлаганини биламан». Ушбу сатрларни ўқиб, кимётерапиянинг қандай қийинчилик билан ўтаётганини билиб, танишимнинг муносабатидан ҳайратда қолдим. Янги Зеландиялик дўстим ҳам саратон касаллигига чалинган бўлиб, кимётерапия ўртасида қуйидагиларни ёзган: Яна бир бор ибодатларингиз учун ва йўлда менга шерик бўлганингиз учун раҳмат айтмоқчиман. Келгуси ҳафталарда Худонинг севгиси ҳаётингизга энг кутилмаган тарзда кириб келсин. Шунга қарамай, бу художўй якун бўлиши мумкин, тўғрими? Аммо биз ажиб бир ҳақиқатни англадик. У яратган коинотнинг Худоси; Инсоният тарихи ва унинг узоқ тарихдан олдинги Худоси; Сайёрамиздаги етти миллиард қувонаётган, азоб чекаётган, умидвор ва умидсиз одамларнинг Худоси биз билан шахсан учрашади; биз нима ҳақида гапираётганимизни тинглайди; биз ким эканлигимиз билан қизиқади ва ким бўлишимиз мумкинлигига бефарқ эмас; шунингдек ҳаётнинг оғир тўқнашувлари ва қийинчиликларида биз билан бирга юради. Бу бутунлай ҳайратланарли, ақл бовар қилмайдигандек кўринади, лекин бу ҳақиқат. «Бахтсизлик – менинг кутубхонамдаги энг яхши китоб»,– дерди Мартин Лютер. Мен буни худди шундай ишонч билан айта олишим мумкинлигига шубҳа қиламан. Бироқ кўплаб гувоҳликларга таяниб шундай хулосага келдим, азобдан қутулишдан кўра неъматга айланган изтироблар менда кўпроқ таассурот қолдиради. Биз бундан кейин нима бўлишидан ташвишланамиз, лекин бизнинг қандай бўлишимиз Худони кўпроқ қизиқтирса керак. 4–ҚИСМ. ЁВУЗЛИКНИ ДАВОЛАЙ ТУРИБ Адам Лэнза Коннектикут штатидаги Ньютаунда онаси билан яшаётган йигирма ёшли ёлғиз йигит эди. Ота–онаси ажрашиб кетганидан бир йил ўтгач, у отаси ва акаси билан ҳар қандай муносабатларни узди. Болалигидаёқ Адамда аутизмнинг турларидан бири Аспергер касаллиги аломатлари билина бошлади ва «Сэнди–Хук» мактабида ўтказилган биринчи синфдан кейин у бир нечта умумий ва уйда қисқа муддат ўқитиш оралиғига эга хусусий мактабларни алмаштирди. Шунга қарамай, юқори синфларда Адам ёмон ўқимади ва ҳатто токи биринчи курсдан кейин ўқишни ташлаб кетгунига қадар, ўн олти ёшида кирган коллежда қатъий “яхшичи”лардан бири сифатда ном чиқарганди. 2012 йил 14 декабрь куни эрталаб Лэнза очиқ жавонда сақланаётган онасининг коллекциясидан иккита тўппонча ва ярим автоматли милтиқни олди. Ўқдонларни тўлдиргач, у ётоқхонага кирди ва ухлаб ётган онасининг юзига тўртта ўқ узди, кейин эса машинада бошланғич мактабга борди, ичкарига кириш учун ўқ узиб, эшик қулфини бузди ва бутун дунёни ларзага солиб қўйган қирғинни бошлади. Синган ойналар ва йўлакдаги шовқин овозига югуриб чиққан директор ва мактаб психологи Лэнзанинг илк қурбонлари бўлишди. Сергак мактаб котиби ички алоқа тизимини ишга туширилган ҳолда қолдирди, шу туфайли бутун бинодаги ўқитувчилар ўқ ва қичқириқлар овозини эшитиб, “Бекининглар!” деб қичқирганча ўз ўқувчиларини ичкаридан қулфланган эшиклар ортига яширишди. Биринчи синфлар хонасининг бирини ўтказиб, Лэнза Лорен Руссонинг синфига кирди, бу аёл туғруқ таътилига чиққан ўқитувчи аёлнинг ўриндоши эди. Лэнза Руссони ва унинг ўн тўрт ўқувчисини атиги бир ҳафта олдин ишга кирган педагог–дефектолог билан қўшиб отиб ташлади. Полиция синф хонасидан бир тўдага тўпланган ўн тўртта жажжи жасадларни топди, уларнинг ҳар бирида камида иккитадан, бирида эса нақ ўн битта ўқ жароҳати бор эди. Бу тўданинг остидан келаётган инграш товушини эшитиб, офицерлар бир неча жасадни нари суришди ва ҳали тирик бўлган болани топишди. У касалхонага кетаётганда, тез ёрдам машинасида жон берди. Ақл бовар қилмайди, лекин олти ёшли бир қиз ўзини ўликка солиб, тирик қолганди. У бошдан–оёқ синфдошларининг қонига беланганича, мактабдан чиқди. «Ойижон менга ҳеч нарса қилмади, лекин ҳамма дўстларим ўлди», – деди у ниҳоят онасини топганида. Кейинги синфда муаллима Виктория Сото йигирма нафар ўқувчиларини кийим шкафи ва сервантга яширди. У ҳамма болалар мактабнинг нариги бошидаги мажлислар залида эканлигини айтиб, Лэнзани чалғитишга уринди. Шу пайт шкафнинг эшиги очилиб кетди ва қўрқиб кетган бир неча болакайлар чиқиш эшиги томон чопишди. Лэнза улардан олтитасини ўлдирди, кейин қуролини қайта ўқлаш учун тўхтади, бу қолган олти боланинг қутулиб қолишига имкон берди. Улар мактаб рўпарасида яшайдиган нафақадаги психолог ҳовлисидаги майсазорга югуриб чиқишди. Виктория Сотонинг жасадини болаларнинг устидан олишди, у болаларни ҳимоя қилишга уринганди, бу ерда аутизм бўйича мутахассис бўлган яна бир ўқитувчи аёлнинг жасади ҳам бор эди. Болалар чизган расмлар “Мен устозим мисс Сотони яхши кўраман” қабилидаги ёзувлар билан ахборот стендида осилиб турарди. Нохушликни сезган бошқа ўқитувчилар дарҳол 911 хизматига қўнғироқ қилишди ва полиция биринчи ўқ узилганидан ўн дақиқадан кейин етиб келди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар яхши тайёрланган ва олдинги хатолардан сабоқ олишганди – полиция “Колумбайн” мактабини қуршаб олган бўлсада, жуда узоқ вақт давомида ҳужум бошламаганди, бу эса янада кўпроқ ўқувчиларнинг ўлимига олиб келганди. Бу сафар улар қуролларини шайлаб, жанговар ҳолатда дарҳол бинога бостириб киришди. Бу пайтга келиб Лэнза ўзининг “Бушмастер” винтовкасидан ўттиз ўқли бир неча магазинни бўшатишга, умумий сони 154 та ўқ узишга улгурганди. Ташқаридаги сирена чинқириғи остида полиция мактабга бостириб кирганда, у тўппончани ўзининг бошига тиради. Бир неча дақиқа ўтгач, мисс Сотонинг синфини кўздан кечирар экан, полициячилар шкафнинг ичкарисидан ўзларига тикилиб турган етти жуфт кўзни кўриб шошиб қолишди. Бу болалар қоронғуликда атрофдаги ғала-ғовурнинг тугашини итоаткорона кутиб туришган эди. Кейин коридор бўйлаб қўрқиб кетган ўқитувчи аёл офицерлардан бири эшик тагидан полиция нишонини тиқиб кўрсатмагунича, бирор кишини синфга киритишдан бош тортди. Эшикни очгач, бу аёл автоматик винтовка тутган ўн беш полициячи ва федерал агентларни кўрди. Ўн икки ўғил бола ва олти қизча – ҳаммаси олти-етти ёшларда – ўзларининг олти нафар ўқитувчилари ёнида ётишарди. Мактабни кўздан кечиришни тугатгач, полиция тирик қолган тўрт юз нафар болаларни кўчага олиб чиқди. Бунда уларга бир–бирининг ортидан, елкама–елка қўл қўйиб, занжир бўлиб, кўзларини юмиб юриш айтилганди, бу улар ёнидан ўтаётган қонга беланган таналарни кўрмаслиги учун қилинганди. Бу орада, «Сэнди–Хук»даги ўқувчиларнинг ота–оналари телефон хабари орқали мактаб яқинидаги ўт ўчириш қисмига етиб келишлари ҳақидаги илтимос билан хабардор қилинганди. Хавотирга тушган юзлаб ота–оналар бу жойга шоша–пиша етиб келишди ва кўзда ёш билан ўзларининг тирик қолган фарзандларини қучоқлай бошладилар. Бу оилалар енгил нафас олиб, уйларига тарқалишганида, мактабдан чиқмаган йигирма нафар боланинг қўрқиб кетган ота–оналари ўз ҳаётларида энг узоқ кутиш учун жамоатчилик марказига ўтишди. Ғам-қайғу шаҳри Янгиликлар бўлимларининг муҳаррирлари 2012 йилнинг асосий воқеалар рўйхатини тузиб бўлишганди, улар орасида энг кўп овоз олгани АҚШ президенти Барак Обаманинг икккинчи муддатга президентликка сайланганлиги эди. Бироқ «Сэнди–Хук»даги декабрь фожиасидан сўнг, қолган ҳамма янгиликлар ҳар қандай аҳамиятини йўқотгандек туюларди. «Ассошиэйтед Пресс» агентлиги тарихида биринчи марта қайта овоз бериш ўтказилди, унинг натижаларига кўра, йилнинг энг қайғули воқеаси энг муҳимига айланди. “Колумбайн” мактабидаги, Виржиния Политехника университетидаги, Аврора шаҳри кинотеатрида Габриэль Гиффордсга қилинган суиқасд каби қирғинлардан эсанкираб қолган баъзи америкаликлар, энди бизни ҳеч нарса билан гангитиб қўя олишмайди, деб ўйлашганди. Аммо «Сэнди–Хук»даги қотиллик миллатнинг қалбини янада даҳшатлироқ янги оғриқ билан тўлдирди. Ҳар куни кечқурун болаларнинг жасадлари солинган тобутчалар қабрга туширилаётганини кўрганимизда, ўша лаҳзада, журналлар ва телеэкранлардан бизга қараб турган сепкил юзли, самимий табассумли ва беғубор кўзли болалар тўғрисидаги янги тафсилотларни эшитардик. «Бизга нималар бўлаяпти?» – деган саволларга чўмарди экспертлар. Бундай зўравонлик ҳаракатларига йўл қўяётган бўлсак, қандай жамият бўлдик? Бир неча кун ўтгач, ҳали ҳам бу янгиликлардан бошим айланиб юрган пайтда телефон жиринглаб қолди. «Филип, бу мен, Клайв Калвер, – деган Британия лаҳжасидаги овозни эшитдим. – Сен билан анчадан бери кўришмадик, лекин агар эсингда бўлса, биз Буюк Британиядаги баъзи тадбирларда бирга ишлаган эдик». «Албатта эсимда, Клайв. Адашмасам, шундан сўнг сен “Уорлд Релиф”га раҳбар бўлиб кетгандинг, тўғрими?» «Ҳа, бу Миллий хушхабарчилик уюшмаси томонидан ташкил этилган хайрия ташкилоти. Мен бир неча ажойиб йилларни Чикаго атрофларидаги сенинг собиқ фаолият майдонингда ишлаб, ўтказдим. Балки эшитмагандирсан, шундан кейин мен Уолнат–Хилл жамоатининг чўпони бўлдим. Бу Ньютаун шаҳри четидан 1 миль нарида, мен яшаётган Коннектикутда». Клайвнинг кайфияти тўсатдан ўзгарди. «Тўғриси, мен айнан шунинг учун қўнғироқ қилаяпман, – давом этди у. – Биламан, сен “Колумбайн”даги отишмадан кейинги тадбирларда қатнашдинг ва Виржиния Политехника университетида нутқ сўзладинг. Филип, бизнинг жамоат – минтақадаги энг каттаси ва бу фожиа бизни чуқур қайғуга солди. Жамоатимизга келувчиларнинг баъзилари ўз болаларини йўқотди. Биз бир дафнни ўтказдик ва эртага яна биттаси тайинланган. Бизнинг жамоатимиздан бўлган бир одам воқеа жойига биринчилардан бўлиб борган ва бизда «Сэнди–Хук»дан яна бир неча ўқитувчи ҳам бор. Уларнинг ҳаммасига оғир, биз эса жамоа учун нимадир қилмоқчимиз. Биламан, Мавлуд байрами яқинлашаяпти ва ҳойнаҳой, сенинг ўз режаларинг бўлса керак, аммо эҳтимол келиб, бир неча йиллар олдин китобга бағишлаган саволинг – “Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?” масаласи бўйича бир–икки оғиз сўз айтарсан» Гарчи мотам адо қилган бу жамоага нима дейиш мумкинлигини тасаввур қилмасамда, рози бўлишим кераклигини билардим. Бундай фожиалардан кейин ҳар қандай киши каби, мен ўзимни ночор сезардим. Энди эса менда бирор ҳисса қўшиш имкони пайдо бўлди, гарчи қандай ҳисса эканлигини билмасам ҳам. Мен дарҳол ўзимнинг ноширларим билан боғландим, улар ҳеч иккиланмай, Ньютаун жамоаси учун “Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?” ва “Худодан не наф?” китобларимдан бир неча минг нусхани хайрия қилишга рози бўлишди. Эртаси куни Клайвнинг жамоати чипта буюртма бериш учун «United Airlines»га қўнғироқ қилганида, авиакомпания ҳақ олишдан воз кечди. Улар ҳам Ньютаунни қўллаб–қувватлаш учун бирор ҳисса қўшиш истагида эди. Кейин мен яқин дўстларимга электрон почта орқали хат юбориб, улардан умрим давомида дуч келган вазифаларим ичидаги бу энг қийинида мени қўллаб–қувватлаб ибодат қилишларини сўрадим. Мактабдаги отишмадан роппа–роса икки ҳафта ўтгач, мен 28 декабрда «Ла Гуардия» аэропортига қўндим. Мени кутиб олишди ва икки соатлик йўл юришдан сўнг, биринчи марта Ньютаунни ўз кўзим билан кўрдим. Телешарҳловчилар бу ҳудудни тасвирлаш учун “осойишта” ва “чин табиат” каби сўзлардан фойдаланишган ва ҳақиқатан ҳам унинг манзаралари табрикнома хатларига туширса арзигулик эди. Биз сершовқин шосседан қайрилганимизда, илонизи йўл оқ рангли тўсиқлар ўрнатилган викториан услубида қурилган фермерлар уйлари ва ёпинчиқ ёпилган отлар югураётган ўтлоқлар орасидан ўтди. Ҳатто шаҳар кўчаларининг номлари ҳам қишлоқчасига жарангларди: «Ўтлоқ чети», «Тодди тепалиги», «Ёқимли тоғ», «Чуқур жилға». 2012 йилгача фахрланиш учун Ньютаунда фақат иккита баҳона бор эди: “Эрудит” стол ўйини айнан шу ерда кашф қилинган ва ўнкурашчи Брюс Женнер шу ерда туғилганди. Шаҳар марказидаги асосий кўчадаги тепаликда катта байроқ ўрнатиладиган хода турар ва мен ҳеч қийналмай бу жой Мустақиллик кунида қандай кўринишда бўлишини тасаввур қила олардим: оилалар сайр ва дам олиш учун шаҳар истироҳат боғида йиғилишган, уларнинг ёнидан эса ўт ўчириш машиналари, содда безалган карнавал платформалари ва мактаб оркестрлари ўтиб боради. Ньютауннинг четидаги «Сэнди–Хук» қишлоғига 1711 йилда асос солинган. Бу типик эски Америка – кичик шаҳарчаларнинг оддийлик ва соддалик намунаси эди. Хуллас, энди бунинг ҳаммаси ўтмишда қолди. Қор ёғар ва яланғоч дарахтлар учида кўриниб турган кулранг осмон Американинг энг қайғуга ботган шаҳрига айланган Ньютаун учун жуда мос кўриниш яратганди. Баъзи уйларда Мавлуд байрами гулчамбарлари ўрнини мотам гулчамбарлари эгаллаганди. У ер–бу ерда айвон четида қора тасмалар осилиб турар, кўчаларда эса мотам тутаётган оилаларни бекорчилар ва журналистлардан ҳимоя қилишга чақирилган полициячилар айланиб юришарди. Ёғочдан қирқилган фаришталар ва юмшоқ ўйинчоқли вақтинчалик ёдгорлик тахталари энди эриган қор билан қопланган эди, улар деярли барча шамларни ўчирганди, фақат бир нечта милтилаб ёнаётган ва намликдан вишиллаётган шамлардан ташқари. Сўлиб қолган гулдасталар қорайиб улгурганди. Кўп дўконлар ҳалок бўлганлар хотирасига қўлбола пештахта қўйиб олишганди. «Севги бизни ҳамма нарсадан олиб ўтади” – дейилганди улардан бирида. Автомобиль эстакадасида шамол “Ньютаун учун ибодат қилинг”, – деган шиорни ҳилпиратарди – ва худди шудай чақириқ маҳаллий спиртли ичимликлар дўкони ёнига ҳам осиб қўйилганди. Деворлардан бирига катта, қийшиқ бош ҳарфлар билан “ҚАЛБЛАРИМИЗ ПАРЧАЛАНГАН” деган ёзув умумий кайфиятни кўрсатиб турарди. Мотам тутаётган оталардан бири (касби шифокор) репортёрларга деди: «Бизда жароҳатдан кейинги руҳий сиқилиш йўқ. Биз бевосита жароҳатланган ҳолатдамиз ва нима ҳақида гап боришидан қатъи назар, ҳеч қандай қийин ва шошқалоқ қарорга келмасликка аҳд қилганмиз. Шундай кунлар бўладики, ўрнимдан туриб, кўчага чиққим ва озиқ–овқат учун дўконга боргим келади, яна шундай кунлар ҳам бўладики, ҳатто тишимни тозалашга ҳам ҳолим йўқ. Баъзи пайтларда мен [тирик қолган] нариги ўғлим учун яхши ота бўла олиш ҳиссини туяман, бошқа пайтларда эса фақат бир нарсани истайман: тўшакдан турмаслик ва ухлаш». Бошқа ота ёдидан бир хотирани ўчириб юбора олмаётганини айтди. Ўша даҳшатли кунда унинг етти яшар ўғли тушунарсиз сабабга кўра, одатдагидан деярли икки соат олдин уйқудан туриб, акаси билан қучоқлашиб хайрлашиш учун пижама ва шиппакда кўчага югуриб чиқан. Сўнгра унинг ўзи кийиниб, «Сэнди–Хук»даги ўлим билан учраштириш учун келган мактаб автобусига ўтирган. Ўша дам олиш кунлари давомида мен фожиа ҳақида дастлабки манбалардан: жабрланган оилалардан, шунингдек, консультантлар, шошилинч хизмат ходимлари ва мактаб ходимларидан эшитдим. (Уларнинг шахсий ҳаёти муҳофазаси йўлида бу шахсларнинг исмларини айтмайман). Мен гаплашган катта ёшлиларда ҳеч қандай қасос ҳиссини сезмадим, балки фақат изтироб ва чуқур қайғуни сездим. Бирор киши “Нега биз?”, – деган саволга жавобни билмасди – ва кўринишидан фожианинг айбдори бунинг учун бирор шаъма қолдирмаганди. Тирик қолган болалар бошидан кечирганларини турлича ҳис қилишарди. Баъзиларининг ичида ғазаб қайнарди. Бир қизалоқ тинмай қўлида қурол тутган одам расмини чизар, кейин эса расмларни қалам билан тешиб ташларди. Бошқаларида ваҳима ва хавотир хуружлари пайдо бўларди. Улар мактабга қайтишга қўрқишарди. «У ерда мен хавфсизликда бўламанми?» – деб жарангларди оғриқли савол. Ота–оналар шкафларда, қўшни синф хоналарида биқиниб ўтирганича, мактабдаги овозкучайтиргичлар орқали қотилликни эшитган ва тирик қолган болаларининг бу саволига жавоб беришга ҳаракат қилишарди. Ўт ўчириш қисмида Фожиа куни эрталаб кимдир Уолнат–Хиллд жамоатига жамоат чўпонининг саккиз ёшли қизи ўқиётган «Сэнди–Хук» мактабидаги отишма ҳақидаги янгиликни етказиш учун қўнғироқ қилди. У консультантларга етиб келиш ва ўз болаларининг тақдири ҳақида хабар кутаётган одамларни қўллаб–қувватлаш ҳақида дарак беришга улгурган бошқа бир жамоат чўпони билан биргаликда, дарҳол ўша ерга жўнади. Сариқ тасма билан ўраб олинган ва полициячилар ҳамда терговчилар билан тўлиб–тошган бошланғич мактабдан юз метрларча наридаги ўт ўчириш қисми ва жамоатчилик марказида ота–оналар тўпланишди. Консультантлардан бири бу кўринишни шундай тасвирлайди: «Бизга қўнғироқ бўлиши биланоқ етиб келдик. Албатта, биз тинмай CNNнинг отишма жойида воқеалар ривожи қандай бўлаётганлиги ҳақидаги янгиликларини эшитиб бордик. Баъзи миш–мишлар асоссиз бўлиб чиқди. Масалан, Адам Лэнзанинг акасини янглишиб қўлга олишганди. Содир бўлган воқеа ҳақида бир–бирига қарама–қарши ҳар хил фаразлар эшитиларди. Ҳар ҳолда мактабнинг ичида қолган ҳамма болалар бўлмасада, кўпчилиги ҳалок бўлганлигини тушуниб турардик. Улар қанча эди? Ўн нафарми? Ўн саккизми? Йигирмами? Уларнинг умумий сони ноаниқ эди. Аммо ўт ўчириш қисмига келиб, ота–оналар яна ҳам камроқ нарса билишини тушундик. Улардан янгиликларни эшитмасликни сўрашганди. Гангиб қолдим. Ўлдирилган болалар ҳақида бутун дунё билар, фақат уларнинг ота–онаси билмасди!» «Уолл–Стрит Жорнал» газетаси ўт ўчириш қисмидаги кайфиятни “таранг саросима” деб тасвирлади. Ҳар хил амалдорлар келиб, токи қурбонлар аниқ таниб олинмагунича ахборотни ошкор қила олмаслигини айтишарди. Ота–оналарни мактаб ичкарисига қўйишни истамаган ҳолда, ота–оналардан уларнинг болалари айнан қандай кийимда бўлганлигини сўрашарди. Ўша куни эрталаб кўпчилик болаларни оналари кийинтирган эди ва ва ҳокимиятдагилар ўзларига зарур бўлган маълумотларни тўплашаётган эди. Ўт ўчири қисмига биринчи бўлиб ўша куни уйда қолган оталар ва оналар етиб келганди. Тез орада уларга ишдан шошиб чиқиб кетган ота–оналар, улардан кейин эса – руҳонийлар, раввинлар ва бошқа маҳалий жамоат чўпонлар қўшилди. Баъзи ота–оналар мактабдан қутқариб олинган катта фарзандларини тинчлантиришар ва айни пайтда ҳали топилмаган биринчи синф ўқувчилари ҳақида янгилик кутишарди. Кимдир ёниқ ҳолда қолдирган катта телевизорда ҳали ҳам мультфильмларнинг кадрлари липиллаб турарди. Одамлар ярим овозда гаплашишар, қучоқлашишар, бир–бири учун ибодат қилишар ва кутишарди... Бир соат, икки, уч соат... Кўксидаги автомат билан хона бўйлаб у ёқдан–бу ёққа бориб келаётган офицер зўриқишни кучайтирарди. Ота–оналар энг ёмон ҳолатни назарда тутганлари ҳолда, ҳали ҳам умид зарраларига ёпишишарди. Ниҳоят губернатор келди. Ўз ҳамдардлигини билдиргач, у ҳокимият қўлидан келган ҳамма ишни қилишига ишонтирди ва тўлиқ аниқлаштириш тугаши биланоқ болалар ҳақида хабар қилишларини билдирди. «Бу ерда тунгача қолиб кетишга тайёр бўлиб туринглар», – деб қўшимча қилди у. Деярли тўрт соат ўтиб бўлганди. Кимдир губернаторнинг гапини бўлиб сўради: «Кимдир тирик қолдими?». Бир лаҳза жим қолгач, амалдор атрофга қараб олди ва яна гапира бошлади. Ўша одам яна унинг сўзини бўлди – бу гал қаттиқроқ овозда сўради: «Бизга ҳақиқатни айтинг! Бирор киши тирик қолдими?!» Ёрдам кутгандек бўлиб губернатор ўз жамоасига қаради, кейин эса ҳеч ким эшитишни истамаган янгиликни хабар қилди: «Токи яқинларингиз ҳалигача сизлар билан бирга эмас экан, демак энди улар йўқ. Ҳозиргача қўлимизда бўлган ахборотга қараганда, мактабда қолган ҳамма болалар ҳалок бўлган». Губернаторнинг катта маслаҳатчиси эслайди: «Бу даҳшатли кўриниш эди. Баъзи одамлар полга қулаб тушди. Кимдир бақирарди». Кўчадагилар ўт ўчирувчилар биносидан келаётган қичқириқлар ва фарёдларни эшитишди. Шу ерда бўлганлардан бири буни бир сафар Яқин Шарқда бомбардимондан кейин кўрганлари билан таққослайди, ўшанда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари дард-аламини ташига чиқариб, кўксига муштлаган эди. Бу – ота оналар энди ҳеч қачон ўзларининг олти ва етти ёшли болаларини тирик кўрмаслигини тушунган лаҳза эди. Синовдан ўтган ва мустаҳкамланган имон Ньютаун билан қўшни қишлоқдаги жамоат уюштирган иккита йиғинда менга сўз беришди. Бу йиғинлар жума ва шанба куни кечқурун бўлиб ўтди ҳамда уларга барча хоҳлаганлар таклиф қилинди. Ташкилотчилар қанча одам келишини билмасди. «Янги Англия аҳли унчалик ҳам диндор эмас, эҳтимол, қандайдир бошқа мавзуда фикрлашишни маъқул кўришар», – деб огоҳлантиришди мени. Байрам кунлари ва қор бўронига қарамай йўллар музлаб, хавфли бўлиб қолган бўлсада, жамоат йиғинларининг ҳар бирига минг нафардан одам келди ва яна шунча одам – Жамоат якшанба хизматига келди. Йиғилишни очишдан аввал оркестр сокин мусиқа чалди, жамоат аъзолари саҳнадан ўтишди ва ҳалок бўлганларнинг ҳар бири хотирасига бағишлаб йигирма олтита шам ёқишди. Ҳар сафар катта экранларга қурбон бўлганнинг исмини чиқаришди. Кейин менга сўз беришди. Мен ғамгин қиёфаларни кўздан ўтказдим, уларнинг орасида исмини биз ҳозиргина кўрган болаларнинг ота–оналари, шунингдек, ҳалок бўлган ўқитувчиларнинг ҳамкасблари ва жасадларни йиғишга ёрдам берган шошилинч хизмат ходимлари борлигини билардим. Ньютаун бир вақтнинг ўзида осойишта ўтмишини ва ўз келажагининг бир қисмини йўқотганига аза тутарди. «Авваламбор, нима ҳақида гапирмаслигимни айтиб ўтишга ижозат беринг, – деб йиғилишга мурожаат қилдим. – Мен қуролларни назорат қилиш, ақлий бузилишлар, тарбиядаги хатолар ёки “Сэнди–Хук”да содир бўлган ҳодисанинг қайғули тафсилотлари ҳақида гапирмайман». Буларнинг ҳаммасини етарлича эшитгансизлар, деб ўйлайман. Мен сизларга кўп амалий маслаҳатлар бермайман. Очиқ тан оламан: маслаҳат беришга унчалик уста эмасман. Мендан ягона мавзуда гапириб беришимни сўрашди, шу боис ўз нутқимни “Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?” саволи билан чеклайман» Сўнгра мен “Сэнди–Хук”даги воқелардан кейин бу савол устида мулоҳаза қила туриб, менинг эътиқодим силкиниб кетмай, аксинча мустаҳкам бўлганини сезиб ҳайратланганимни айтдим. Олижаноб ва қудратли Худо ҳақидаги саволлар менга яхши таниш, бу саволлар азоб–уқубат ёғилиши биланоқ юзага қалқиб чиқади ва мен ёзган нарсаладан кўпи айнан шунинг атрофида айланади. Лекин барибир, илоҳиётчи Мирослав Вольф Ньютаундаги отишманинг эртасига ўз блогида таъкидлаганидек: «Изтиробларни кузатаётганларда Худони инкор қилиш васвасаси пайдо бўлади. Азоблардан ўтаётганлар эса кўпинча Ундан воз кеча олишмайди – ўз таскинлари ва оғриқлари туфайли». Қиш оқшомида жамоатга шунча одам келгалиги менинг фикримни тасиқларди. Вольф яна шундай деган: «Сиз олижаноб Худога ишонганингиздагина, бу дунёдаги ёвузликка қарши тура оласиз. Акс ҳолда, қаршилик қилишингиздан маъно йўқ». Менга Ньютаундан қўнғироқ қилишларидан сал олдин епископ Дезмонд Тутунинг Жанубий Африкадаги тажрибаси ҳақидаги ҳикоясини ўқиб чиққандим. “Ҳақиқат ва ярашув комиссияси”нинг раҳбари бўлган у ўзининг илоҳиётчилик хизмати қаттиқ синовга дуч келишига тайёрланганди – қисман у тергов қилган кўп жиноятларни “батартиб масиҳийлар” содир этганлиги туфайли (нима бўлганда ҳам, апартеид (ирқий айирмачилик) ЖАР ислоҳотчи жамоатининг самараси ва расмий доктринаси эди). Туту кун сайин шафқатсиз зўравонлик қурбонларининг гувоҳликларини тингларди. Африканерларнинг югурдаклари гумон қилинувчиларни чала ўлик қилиб калтаклашар ва баъзан совуққонлик билан отиб ташлашарди. Айби тасдиқланганларга эса бу қора танлилар “шода” кийдиришади: бўйнига бензинга ботирилган шина кийдиришиб, кейин уни ёқиб юборишарди. Епископ Туту, икки йил давомида эшитган бу ҳикоялар, унинг эътиқодини мустаҳкамлаганидан ҳайратга тушди. Эшитишлар уни жиноят содир этган одамлар маънавий жавобгарликда эканлиги ва яхшилик ва ёмонлик бир хил даражада реал ҳамда муҳим эканлигига ишонтирди, «чунки бизнинг коинотимиз шундай тузилган: агар биз унинг маънавий қонунларига мувофиқ яшамасак, бунинг учун тўлиқ тўлов тўлаймиз». Ғайриинсонийликнинг бетиним гувоҳликларига қарамай, Туту янгиланган умид билан мажлисдан кетарди: «Биз, масиҳийлар учун ўлим ва Исо Масиҳнинг тирилиши севги нафратдан кучли, ёруғлик зумлатдан кучли, кулги, қувонч, ҳамдардлик, яхшилик ва ҳақиқат уларнинг жирканч қарама–қаршиликларидан анча кучли эканлигининг рад этиб бўлмас далилидир». Мен учу «Сэнди–Хук»даги воқеалар Тутунинг хулосалари тасдиғи бўлиб хизмат қилди. Мен Тутунинг воқеликка қарашларини мутлақо инкор қиладиган “янги атеистлар” ва эволюционист–биологларнинг асарларини ҳам ўқидим. Масалан, дин устидан уни “ақлнинг вируси” деб куладиган Ричард Докинзнинг таъкидлашича, коинот «агар унинг асосида ҳеч қандай ният, ҳеч қандай мақсад, на ёмонлик, на яхшилик – кўр-кўрона, шафқатсиз бефарқликдан бошқа нарса бўлмаганда кутишимиз мумкин бўлган худди шундай хсусиятларга эга». Стивен Жей Гулд инсониятни “агар ҳаёт дарахтини кўчириб ўтқазиш мумкин бўлганида, ҳеч қачон яна қайтарилмайдиган бир лаҳзалик космик тасодиф” деб таърифлайди». Бу ва бошқа замонавий олимларга кўра, биз – мутлақо ўз манфатлари йўлида ҳаракат қиладиган худбин генлар томонидан дастурланган мураккаб организмдан бошқа нарса эмасмиз. «Сиз шунга ўхшаш нарсани бошдан кечирдингизми? – деб сўрадим Ньютаунда тўпланганлардан. Бу одамлар қаршисида “янги атеистлар”нинг гипотезалари янада маъносиз кўринарди. – Мен бундай деб ўйламайман. Мен қайғу, ҳамдардлик ва сахийликнинг қуюлишини кўрдим, кўр–кўрона, шафқатсиз бефарқликни эмас. Болаларни қутқариш учун ўз ҳаётини қурбон қилган мактаб ходимлари томонидан ҳамда жамоат ва бутун мамлакатнинг ҳамдардлик билан муносабат билдиришида мен худбинлик эмас, ўзидан кечишни кўрдим. Мен ҳалок бўлган одамлар муҳим эканлигини, 14 декабрь куни биз бебаҳо нимадандир айрилганимизга чуқур ишонч намоён бўлганлигини кўрдим». Фожиа орасида ҳатто чин дунёвий маданият ҳам алоҳида инсоний моҳиятларнининг қадрини тан олади, бу бизнинг ҳар биримиз Худонинг тимсолини акс эттирамиз деган масиҳийлик ишончининг акс–садосидир. Шу нарса ёдимга тушди: 2001 йил 11 сентябрдан сўнг “Нью–Йорк Таймс” газетаси Бутунжаҳон савдо марказига ҳужум оқибатида ҳалок бўлган уч минг кишининг ҳар бири ҳақида таъзиянома (некролог) чоп этишга қарор қилганди, бу билан газета ўша одамлар шафқатсиз лоқайдлик коинотидаги қандайдир космик тасодиф эмас, балки бу одамлар муҳимлигини тасдиқлаганди. (Яна шуниси эътиборга лойиқки, умуммиллий фожиалардан кейин оммавий ахборот воситалари руҳонийларга, раввинларга ва жамоат чўпониларга мурожаат қилишади, айни пайтда атеистлар эса эҳтиёткор сукут сақлашади.) Гарчи фоижалар ҳақиқатан ҳам ишончни шубҳа остига қўйсада, улар бу ишончни мустаҳкамлайди ҳам. Сўзсиз, биз – қиёфасиз коинотнинг тасдофий маҳсули эмас, балки биз билан абадий яшашни истаётган Худони яхши кўрадиган мавжудотлар эканлигимиз далили – яхши бир янгиликдир. Ньютаунда танишимга шу саволни бир оз ўзгартириб бердим: «Мен азоб чекаётганимда, қаерда Худо йўқ?» Кинорежиссёр Ингмар Бергман замонавий жавоб таклиф қилади: «Сен ҳеч бир мақсадсиз туғиласан, ҳеч бир мазмунсиз яшайсан. Ҳаётнинг мақсади унинг ўзида мужассам. Ўлар экансан, сен шунчаки ўчасан». Мен учрашган «Сэнди–Хук» мактабида фарзандини йўқотган ота–оналарнинг кинорежиссёрнинг хулосасидан кўнгиллари айнийди. Улар ўғли ёки қизининг мавжудлиги 2012 йил 14 декабрь билан тугамаганига, аммо шахсиятли ва севувчи Худо Ўз ваъдасини бажаради ва биз учун мукаммал уй тайёрлаяпти, деган умидга маҳкам ёпишиб олишган. Узилган ҳаёт Барибир, фожиалар туғдирган муаммолар осонликча йўқолиб кетмайди. Асрлар оша бир савол акс–садо бериб турибди: «Гарчи Худо бир кун келиб уни тикласа ҳам, бу дунё уни тўлдириб турган оғриққа муносибми?». Японияда мен аёл билан суҳбатлашдим, у илк бора янги иш жойига чиққанида икки фарзандини бувисига қараб туриши учун қолдирганди ва энди бунинг учун ўзини койимоқда, чунки буви болаларга цунамидан қутулиб қолишга ёрдам бера олмаганди. Сараевода мен сув олиш учун ялангликдан чопиб ўтаётган болаларни снайперлар атайлаб нишонга олган ўша тепаликда турдим. Ньютаунда бир бола сўради: «Энди мен ким билан ўйнайман?» Нима учун меҳрибон Худо бундай ҳолларга йўл қўяди? “Нью–Йорк Таймс” шарҳловчиси Росс Даусэт газетадаги «Сэнди–Хук»ка бағишланган муаллифлик рукнида “Ака–ука Карамазовлар” романидаги машҳур парчани эсга олади, бу парчада Иван дўппосланган ва қийноққа солинган болалар ҳақидаги қиссани сўзлаб беради ва қайсики сабабларга кўра бўлмасин, болаларнинг азобларига чидаётган Худони ҳеч ҳам қабул қила олмайман, деган хулосага келади. Худди шунга ўхшаш тарзда Альбер Камьюнинг “Вабо” романидаги шифокор болакай вабодан қандай ўлаётганини кўриб, баён қилади: “Мен бундай ҳолатга йўл қўядиган нарсаларнинг шундай тузумида иштирок этишдан бош тортаман”. Фақат азоб чекаётган Худогина бу сайёра унинг учун тўланган қийматга лойиқ ёки лойиқ эмаслиги ҳақидаги саволга жавоб бера олади. Хуллас, ўғли ёки қизини йўқотган оилалар билан суҳбатлардан сўнг, энди менда бу саволга калит бор. Агар улардан: “Сиз олти ёки етти йилни болангиз билан бирга ўтказдингиз. Улар ҳозир сиз ҳис қилаётган оғриққа арзийдими?”, – деб сўрасангиз, қаъий “Ҳа” деган жавобни эшитасиз. Ўзининг ёш дўсти ўлимидан сўнг шоир Альфред Теннисон айтганидек: «Умуман ҳеч кимни севмаганингдан кўра, яхши кўрган кишингни йўқотганинг маъқул». Эҳтимол, Худо ҳам қулаган ижодига нисбатан шуни ҳис қилаётгандир? Ньютаундаги оилаларга мен Епископал жамоат руҳоийси Жон Клэйпулнинг кичкина китобини ўқиб чиқишни маслаҳат бердим, бу китоб фарзандини йўқотган кўп ота–оналарга тасалли берди. Сабабини китоб номининг ўзиёқ очиб беради: «Азоблар бўйича биродарнинг йўллари». Бу китобда Клэйпул сийқаси чиққан ибораларни таклиф қиладиган жамоат чўпони сифатида эмас, азоблар ичра, худди ҳеч қандай таскин бермайдигандек бўлган Худога юзланган ота сифатида гапиради. Бир ярим йил давомида у саккиз ёшли қизини оққон касаллигидан даволаш учун ечим излади. Клэйпул энг яхши шифокорларга мурожаат қилди; даволаш истеъдодига эга бўлган машҳур хушхабарчилар қизга махсус зайтун мойи суртдилар; унинг учун жамоат аҳли ва Клэйпулнинг дўстлари ибодат қилдилар. Кейин эса у вафот этди. Жон эндиликда ўзига жуда ҳам етишмаётган ҳамма нарсадан: қизининг коллежни битириш тантаналаридан; қизини меҳробга бошлаб бориши мумкин бўлган унинг тўйидан; невараларининг туғилиши ва қизининг ҳаётини худди инъом каби қабул қилишдан воз кечгач, жиддий курашдан сўнг унга енгиллик етди. Гарчи бу умр шафқатсиз узилган бўлсада, буюк инъом эканликдан тўхтагани йўқ. Гувоҳлик бериш учун мен бу ердаман: бу – Йўқотиш тоғидан тушишнинг ягона йўлидир. Мен бундай қараш йўлни осон қилади, деб айтишни хоҳламайман. Асло ундай эмас. Лекин, ҳеч бўлмаганда, Лора Лью мен ишлаб топмаган, мен лойиқ бўлмаган ва қўлга киритишга ҳаққим бўлмаган тоза ва оддий инъом эканлигини эслаганимда бу йўлга чидаса бўлади. Ва мен ҳатто инъомни кейин олиб қўйишганида ҳам, унга кераклича муносабат билдириш – миннатдорчилик эканлигини эслаганимда, сайъ–ҳаракат кўрсатишга ва Худо умуман менга Лорани инъом этгани учун Унга ҳамд айтишга кўпроқ қодир бўламан. Гарчи менга жуда қийин бўлсада, ҳозир мен бу фанни ўрганишга бор кучим билан ҳаракат қилаяпман. Қаерга назар ташламайин, ҳамма ёқда қизим ҳақидаги хотираларга кўзим тушади: биз бирга қилган ишлар; у айтган гаплар; у яхши кўрган нарсалар. Ва бу хотиралар иштирокида менда иккита муқобил бор: энди у менинг ёнимда йўқлигига ўралиб қолиб, мен уни бутунлай йўқотганимдан афсусга ботишим; ёки Лора умуман бизга берилган мўъжиза эканлигига диққатимни жамлаб, у билан ҳаётимда – гарчи қандайдир қисқа ўн йил бўлсада, бирга бўлганлигим учун миннатдор бўлишни ўрганишим. Якунида Клэйпул ўз жамоат аҳли, дўстлари ва ўқувчилардан унга ҳаёт – сўнгги заррасигача бир инъом эканлигини, миннатдорчилик эса ҳар қандай ҳадя учун тўғри муносабатлигини эслатиб туришларини илтимос қилади. Биз совғаларга ўз мулкимизга нисбатан бўлганидек муносабатда бўлмаймиз. Таниш шифокор менга эслатганидек, ҳар бир умр – бу, бир кун келиб Қарз берувчига қайтариладиган қарздир. Ньютаунга кетишимдан сал олдин мен электрон почта орқали 21 декабрь, йил давомида кечаси энг узун бўладиган кунда жамоат хизматига борган Атланталик дўстимдан хат олдим. Жамоат хизмати ҳаётдаги йўқотишларга бағишланган экан; унинг иштирокчилари ҳалок бўлганларнинг исмларини айтишган ва бузилган ўзаро муносабатларни санаб ўтишган. Дўстим илоҳиётчи Дитрих Бонхёффернинг сўзларини эслатди, дўстимнинг тан олишича, бу сўзлар унга ҳар доим етишмайдиган одамларнинг ўлимига нисбатан янгича қарашни очиб берган экан. «Ҳеч нарса яқин одамимизнинг йўқлиги ўрнини тўлдира олмайди ва унинг ўрнини биров билан алмаштиришга уриниш нотўғри бўларди. Биз шунчаки бу йўқотишга бардош беришимиз ва охиригача боришимиз зарур. Аввалига бу жуда қийин туюлади, лекин шу билан бирга, бунда буюк таскин ҳам бор. Бизнинг ўртамиздаги ришталарни сақлаб тургани ҳолда, бўшлиқ тўлдирилмай қолаверади. Худо бўшлиқни тўлдиради, дейиш беъманиликдир. Худо бундай қилмайди. Аксинча, У бўшлиқни сақлаб қолади, майли қиймати оғриқ бўлса ҳам, бир–биримиз билан бўлган аввалги яқинлигимизни сақлаб қолишда бизга ёрдам беради». Қайғу – бу, севги ва азоб ўзаро учрашадиган нуқта. Икки универсалия “Ўғил учун нола” китобида Николас Уолтерсторф гарчи тарих давомида одамлар кўп муаммоларни ҳал қилишни ўрганишган бўлсада, “ҳар доимгидек иккита долзарб масалани: “юракларимиздаги ёвузлик ва ўлим”ни ҳал қилишимиз зарурлигини таъкидлайди. Ёвузлик ва ўлим ҳеч бир инсоний ечимга қарам бўлмаган универсал муаммолар бўлиб, Коннектикут штатидаги Ньютаун бир кун тонгда ҳар иккаласи билан юзма–юз келди. Сараеводаги қамалдан тортиб, “Сэнди Хук” мактабидаги қирғин ёки Бостон марафонидаги бомба портлашига ўхшаш бир неча дақиқа узунликдаги даҳшатларгача инсон ёвузлигининг ҳақиқийлиги ҳамиша инсон опмтимизмига таҳдид солиб туради. Сўнгги йилларда менинг қадрдон Колорадо штатим иккита шов–шувли жиноятга гувоҳ бўлди: Аврора шаҳри кинотеатрида ва “Колумбайн” мактабида кўплаб одамларни отиб ташлаш. Қотилларнинг хулқ–атворини ҳеч ким камбағаллик ёки маълумот етишмаслигига йўя олмади, чунки улар ўзига тўқ оилалардан келиб чиққанди. “Сэнди–Хук” мактабида хунрезликни амалга оширган Адам Лэнза нуфузли ҳудуддаги чиройли уйда яшар, унинг онаси эса деярли 25 минг доллар алимент оларди. Лэнза мактабда ёмон ўқимасди, Аврорада отишма уюштирган йигит эса — нейробиология факультетининг аълочи талабаси эди. Уларга нима бўлди, ўзи? Қандай қилиб ўсмир ўзининг синфдошлари ва кинотеатрдаги нотаниш кишиларни бирма–бир ўлдириши мумкин ёки умуман ақл бовар қилмайдигани – ваҳимага тушган биринчи синф ўқувчиларини қурол тираб отиб ташлаши мумкин? Ҳар бир шундай фожиадан сўнг матбуот айбдорларни излай бошлайди. Қуролни (айниқса – ҳужум қуроли) эркин қўлга киритиш маълум роль ўйнайди ва ҳар бир янги қирғин навбатдаги баҳслар ва қонун чиқариш ташаббусларини туғдиради. Шунга қарамай, қурол очиқча сотиладиган бошқа мамлакатлар (масалан, Швейцария ва Канада) бунга ўхшаш одамларни кўплаб отиб ташлаш билан дуч келмаяптику. Ундай бўлса, балки айбни руҳий соғломликка нисбатан муносабатдаги совуққонликка юклаш керакдир? “Колумбайн”, Виржиния Политехника университети ва Ньютаундаги қотиллар эътибор қаратиш лозим бўлган хавотирли сигналлар беришди. Бошқалар видеоўйинлар ва албатта зўравонлик ҳамда уриш–дўппослашга тўлган Голливуд маҳсулотларига қўлини бигиз қилишяпти. Кимдир қотилларга катта эътибор ажратаётганлиги учун ОАВни ёзғирмоқда. Масалан, Адам Лэнза электрон жадвал тутиб, унга ўқотар қурол ишлатиб қилинган оммавий қотилликларни ёзиб борган экан. Баъзилар умумий мактабларда ибодат ва Худо ҳақидаги суҳбатларни тақиқлаган судьяларни айблашади. Бироқ камдан–кам одамларгина бундай қилмишларни ёвузлик деб атайди ва шубҳасиз, бундай қилмишлар айни ёвузликдир. Мана шундай истиснолардан бири — Денвер архиепископи Чарльз Шапью. «Колумбайн» мактабидаги фожиадан сўнг у шундай деганди: «Бугунги кунда ёмонлик жамиятни тўлдирди: уйларимиз, мактаблар, кўчалар, биз миниб ишдан уйга қайтадиган машиналар; ОАВларимиз; мусиқамизнинг оҳанги ва матнлари; романларимиз, фильмларимиз ва видеоўйинлар. Ёмонлик шу қадар кенг тарқалдики, биз, асосан, унинг иштирокини англамаяпмиз ҳам». “Сэнди–Хук” мактабидаги қирғинга жавобан эса Шапью (эндиликда Филадельфия архиепископи) шундай деб ёзди: Худо олижаноб, лекин биз инсон деган мавжудотлар эркинмиз ва мана шу озодликдан фойдаланиб, ўзимиз қабул қилаётган қарорлар билан ўз дунёмизнинг тийнатини шакллантиришга ёрдамлашаяпмиз. Коннектикутда йўқотилган ҳар бир умр ноёб, қимматли ва алмаштириб бўлмас эди, лекин ёвузлик жуда одатий эди; одамларнинг ҳар бир авлоди ўша ёвузликка тўлиб–тошган. Нима учун Худо урушларга йўл қўяди? Нега У очликка йўл қўяди?.. Биз детерминистлар таклиф қилаётган тарих ёки иқтисод ёхуд ҳар қандай тенгламанинг муқаррар ҳосиласи эмасмиз. Биз — эркинмиз ва бунинг оқибатида яратишга кўмаклашаётганимиз гўзаллик учун ҳам, азоблар учун ҳам жавобгармиз. Нима учун Худо ахлоқсизликка йўл қўяди? У буни шунинг учун ҳам қиладики — биз ёки бизга ўхшаган бошқалар шуни танлаб оляпмиз. Бизни ўраб олган ахлоқсизликка қарши ягона дори бу – ҳозирги лаҳзадан бошлаб ва бир умрга янгича яшашни бошлашдир. Бизнинг ёмонлик содир этишдаги эркинлигимиз, моҳиятан, Иван Карамазовнинг Худога қилган энг асосий даъвосига айланди. Атеист бўлмагани ҳолда у, ҳеч бўлмаганда, олижаноб ва қудратли Худо мавжуд бўлиши эҳтимолига ишонади. Иван ҳатто бир кун келиб Худо ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай кўз ёшини артиши ва бу дунёнинг адолатсизликларига чек қўйиши мумкинлигига ишонади, лекин ўта юқори баҳода бўлганлиги учун бундай схемани инкор қилишда давом этади. Унинг фикрига кўра, инсон эркинлиги борасида Худо ўта бемулоҳазадир. “Ака–ука Карамазовлар” романида Иван бир қатор жирканч жиноятлар ҳақида эслатади: туғилмаган болани онасининг қорнидан қандай қилиб кесиб олишгани; крепостной деҳқонларнинг саккиз ёшли боласи устига тозилар тўдасини қўйиб юборишгани; болакайнинг бетига тўппончадан ўқ узишгани ҳақида — муаллиф, Достоевский бу ҳолатларнинг ҳаммасини ўз даврининг ҳаққоний ҳодисаларидан олганди. Агар у асарни бугунги кунда ёзганида, ҳойнаҳой, бу рўйхатга дарс вақтида ўқувчиларни отиб ташлаш тасвирини ҳам киритган бўларди. «Ўзинг тўғрисини айт, сени чақираяпман – жавоб бер, – даъват қилади у акаси Алёшага. – Тасаввур қил, ўзинг якунида одамларни бахтли қилиш, ниҳоят уларга тинчлик ва хотиржамлик бахш этиш учун инсон тақдири биносини бунёд қиласан, лекин бунинг учун фақат бир жажжи мавжудотни азоблаш зарур ва муқаррар бўлади... Мана шу шартларда архитектор бўлишга рози бўлармидинг? Гапир ва алдама!» Алёша секин жавоб беради: «Йўқ». Агностик Иван ёвузликни ва ҳар қандай инсоний тизим уни эплай олмаслигини таниб олиши мумкин, лекин у бирор ечим таклиф қилишга қодир эмас. Художўй Алёша укасининг сўзларини инкор қилишга уринмайди, лекин унда инсоният учун ечим бор. «Менда ёвузлик муаммосига жавоб йўқ, – дегандек бўлади Алёша, – аммо мен севгини танийман». Роман дарров марказий ҳикояга, “Буюк инквизитор”га ўтади, унда Исонинг Ўзига жиноят айби тақалади – дарвоқе, айнан жамоат вакиллари – У одамларга ҳаддан ортиқ эркинлик берганлигини Унга айб қилиб тақайдилар. Достоевский ёвузлик муаммосини худди Муқаддас Китоб тақдим этганидек тақдим қилади, фалсафий исботларни эмас, тарихни – Иммануил ҳақидаги ҳикояни келтиради. Инсон эркинлигини янчиб ташламасликка қарор қилиб, Худо бунинг ўрнига ёвузлик ўртасида бизга қўшилди ва унинг қурбонларидан бирига айланди. Исо ёвузликни бартараф қилмади, аммо одамлар учун улкан баҳо тўлаб, уни кечириш ва унга етказилган зарарни қоплашга тайёр Худони намоён қилди. Мавлуд байрамидан уч кун ўтгач, Ньютаундаги йиғинга мурожаат қилаётиб, мен Юҳанно баён этган Хушхабарга киришдаги парафразани «The Message»дан қилинган таржимани ўқиб бердим: «Калом тана ва қонга айланди ва биз билан қўшни бўлиб яшай бошлади». «Исо кўчиб ўтган жой қандай жой бўлди? – деб сўрадим нечанчидир марта. – Худди табрикнома хатидан тушган тоза майсазорлар ичра Викториан усулидаги чиройли данғиллама уйларгами? О, йўқ... Бу шундай жой эдики, Матто бизга уни эслатиб айтган: “Рама шаҳридан бир нидо эшитилар, Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу. Болалари учун йиғлар Роҳила, Овунишни хоҳламас, чунки улар энди йўқ”». Мавлуд байрами тарихи кўп жиҳатдан мен Ньютаунда кўрганларимни эслатадиган саҳнани ўз ичига олади. Байтлаҳмдек шаҳарчада, тадқиқотчилар тахмин қилишадики, ҳойнаҳой, Ҳироднинг буйруғи билан қатл қилинган йигирмага яқин – йигирма! – икки ёшга тўлмаган болалар бўлган. Охир–оқибатда “оламни шунчалик севаган, Ўзининг ягона Ўғлини берган” Худо ҳам фарзандини йўқотди. Сайёрамиз харитасида ёвузлик ва ўлим билан тўйинган бошқа ҳар қандай жой каби Ньютаун ҳам бошидан кечираётган қайғу ҳақида Худога нимадир аён. Аслида эса, Ньютаун дунё каби кўҳнадир. Қийин саволлар Қанчалик қайғули бўлмасин, фожиани бошидан ўтказган одамлар ҳамжамияти – ҳеч ким киришни истамайдиган бу клуб – мунтазам ортиб бормоқда. Виржиниядаги Политехника университетида содир бўлган қирғиндан кейин мен у ерга борган вақтимда “Колумбайн” мактабидаги тирик қолган ва ногиронга айланган ўқувчи қизлардан бири менга йўлдош бўлди. Талабалар унинг маслаҳатларига диққат билан қулоқ тутишди, чунки бу қиз улар нимани ҳис қилишаётгани ва буёғига нимани кутишаётганини ўз тажрибасидан яхши биларди. Сэнди–Хукдаги фожиадан сўнг «Денвер Пост» газетаси ўн уч йил олдин “Колумбайн” мактабидаги отишмадан бевосита жабр кўрганларнинг оилаларига мурожаат қилди. Улар Ньютаундаги ғамга ботган оилаларга қандай маслаҳат беришлари мумкин? Мен мана шу жамоат билан баҳам кўрган уларнинг сўзларини нафақат оммавий отиб ташлашларга, балки ҳар қандай фожиага нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Бир талаба шундай деб тан олди: «Мен айтишим мумкин бўлган биринчи нарса: сиз нимани ҳис қилаётганингизни аниқ биладиган кўп одамлар бор. Аммо айни пайтда сиз нималарни бошдан кечираётганингизни охиригача тушуна оладиган бирор киши йўқ.... Сиз билан содир бўлгани бошқа биров билан содир бўлганига асло ўхшамайди, жумладан биз, “Колумбайн”даги қирғинни бошдан ўтказганларнинг изтироб каби. «Ҳатто нима дейишни ҳам билмайман, – таъкидлади “Колумбайн”да ўлдирилган қизнинг отаси. – Мен одамлар баъзан сукут сақласалар яхши бўлишини тушундим, чунки сизнинг изтиробингиз шунчалик чуқурки, ҳеч нарсани эшитгингиз келмайди. Сизни қизиқтирадиган ягона нарса – қандай қилиб болангизни ҳаётга қайтаришдир». Кейин у қўшимча қилди: «Токи мендан сўраган экансиз, мана нима дейман. Билиб қўйинг, вақт ўтиб оғриқ камаяди. Гарчи сиз ҳеч қачон ўз йўқотганингиз ҳақида унута олмасангиз ва унга кўника олмасангизда, вақт ўтиб сиз яна ҳаракат қилишингиз мумкин. Ҳозир бу сизга қандайдир жуда олисдаги гап бўлиб туюлиши мумкин, лекин бир кун келиб сиз яна қувончни ҳис қиласиз». Тирик қолганлар томонидан таклиф қилинган кейинги маслаҳатлар сийқаси чиққан гап бўлиб туюлади, лекин чуқур қайғудагилар учун ҳеч нарса осон кечмайди. Ғамни ичингизда сақламанг. Сизга керак бўлганда ёрдам чақиринг. Баъзи одамларнинг ножўя фикрларини шундай бўлиши керакдек қабул қилинг. Турмуш ўртоғингиз ёки яқинларингиздан бекиниб олманг. Ўзингиз ҳақингизда қайғуришни унутиб қўйманг. Кўксингизни тўлдириб нафас олинг. Ньютаунда мен учун энг қийин лаҳза ўз мурожаатимни тугатиб, жамоат чўпонилардан бирининг ёнидаги креслога ўтирганимдан кейин рўй берди – аудиториядан саволлар ёғилиб кетди. «Яқин одамини йўқотганларга биз нима дейишимиз зарур» – сўради қатнашаётганлардан бири. «Бундай азобни ҳис қилиб турганимда ва шунчалик тушкунликда бўлганимда қандай қилиб жамоа учун ёруғлик бўла олишим мумкин?» – сўради бошқаси. Мен иложим борича бу ва бошқа саволларга жавоб беришга уриндим, нима дейишимни билмай қолганимда эса, саволларни жамоат чўпонига йўлладим. «Яқин йиллар ичида биз нимани кутайлик? – гарчи ҳар хил қилиб бўлсада, бир неча одам айни шу саволни берди. – Шаҳримизда бир умр қора доғ қолишидан “Ньютаун” номини қандай сақлаб қолиш лозим?» 1996 йилда мактабда бўлган отишмада ўн олти ўқувчи ва уларнинг ўқитувчиси ҳалок бўлган Шотландиянинг Данблейн шаҳарчасидаги воқеа эсимга тушди. Парталар остига яшириниб қолган болалар орасида саккиз ёшли Энди Мюррей ҳам бўлиб, кейинчалик у дунёдаги энг яхши теннисчилардан бирига айланганди. Унинг бувиси спорт телеканалларидан бирига берган интервьюсида айтганидек: «Менимча, унинг ич–ичида Данблейнга қайғули эмас, эзгу шуҳрат келтириш истаги яшаган». У бу мақсадига 2012 йилги Олимпиада ўйинларидан сўнг эришди, ўшанда у ўз олтин медалини Лондондаги хусусий тантанада бошқа чемпионлар билан бирга эмас, балки кичик Данблейн шаҳарчасида нишонлашни маъқул кўрди. Кейинроқ, Ньютаундан уйимга қайтаётганимда, болалар отиб ташланган пайтда Данблейн яқинида яшаган жамоат чўпони Жон Дрейннинг хотираларига дуч келдим. Бир куни сукунат жойига айланган мактаб ҳовлиси дарвозасига яқинлашиб, ўн етти ёшдан йигирма ёшгача бўлган бир гуруҳ ёшларни кўриб қолдим. Улар ҳўл асфальт устига ўн олти дона шамни айлана қилиб қўйишди – ҳар бир ҳалок бўлган болага бир донадан – ва уларни сигарет ёрдамида ёқишди... Мени кўриб, жамоат чўпони эканлигимни тушунишди ва чақириб, сўрашди: «Бундай ҳолларда нима дейиш зарурлигини биласизми?». Бироқ мен нима дейишимни билмай турардим ва ёноқларимдан ёш оқаётганди. Биз қўл ушлашиб шу тариқа бир дақиқа жим турдик, сўнг қисқа дуо ўқидим. Кейин ўсмирлар ҳам дуо ўқий бошлашди. Улардан бири: «Мен бошқа одамга айланишим керак!», – деди. У полициячилар гуруҳига бир қараб олиб, чўнтагидан пичоқ чиқарди. Кейин бу йигит шамлар ёнида чўккалаб: «Менимча пичоқ энди менга керак эмас», – деди ва уни гуллар тагига яширди. Бошқаси чўнтагидан велосипед занжирининг бўлагини чиқарди ва ўртоғининг ибратидан намуна олди. Яна бир оз бирга турганимиздан сўнг, ҳаммамиз ўз йўлимизга кетдик.. Худо ўшанда Данблейн шаҳрида эдими? Албатта, У ўша ерда эди. Дрейннинг ҳикояси Сэнди–Хукда содир бўлган воқеадан кейин Чарльз Шапью айтган фикрларнинг адолатли эканлигини таъкидлайди: «Бизни ўраб олган ахлоқсизликка қарши ягона дори – бу, ҳозирги лаҳзадан бошлаб ва бир умрга янгича яшашни бошлашдир». Яқинда бўлган фожиалар тўлқини боис, жамиятимизда нима ўзгариши зарурлигини тушуниш учун, бутун миллат ўзини ўзи танқид қилишга киришди. Менинг Ньютаундаги охирги оқшомимда залдан яна бир якунловчи савол янгради ва бу савол мен эшитишни хоҳламаганларимдан бири эди: «Худо менинг боламни ҳимоя қиладими?» Бир неча дақиқага чўзилгандек тин олдим. Дунёда ҳамма нарсадан ҳам кўра шу саволга “Ҳа! Турган гап, Худо сизларни ҳимоя қилади. Сизларга Муқаддас Китобдан бир неча ваъдаларни ўқиб беришимга ижозат этинг” деб жавоб беришни хоҳлаган бўлардим. Лекин мен ортимда, худди шу саҳнада ҳалок бўлганлар хотирасига ёқилган, йигирма олти дона шам енгилган сайёрамиз таъсиридан иммунитетга эга эмаслигимизни исботлаб, липиллаб турганини англардим. Фикрларим мени Японияга бошлаб кетди, мен у ерда болалари цунами пайтида мактабда ҳалок бўлган ота-оналарни тинглагандим, кейин эса – ўша куни эрталаб болалари бошланғич мактабда отиб кетилган оталар ва оналар билан гаплашгандим. Ниҳоят шундай дедим: «Жуда афсусдаман, аммо бундай эмас. Мен буни ваъда қила олмайман». Ҳеч биримиз истисно эмасмиз. Ҳаммамиз ўламиз: кимдир – кексайиб, кимдир эса – ёшлигида, фожиали равишда. Ҳа, Худо қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик беради, лекин ҳимоя эмас – ҳеч бўлмаганда, биз ноилож кутадиган ҳимояни эмас. Бу ланъати сайёрада ҳатто Худо ҳам Ўғлини йўқотишни бошдан ўтказди. Ўлим, кеккаяверма! Клайв Льюиснинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Соялар салтанати” кинофильмида унинг хотини Жой Дэвидман саратон билан уқубатли олишувдаги қисқа ремиссия давридан роҳатланади. Улар иккаласи Грецияга романтик саёҳатга йўл олишади, бу улар учун соф фароғатнинг қисқа бир парчаси бўлади. Саратон яна кучайганда, ўзини олдинда нима кутиб турганини билган Жой шундай дейди: «Менинг келгуси азобларим – бугунги бахтнинг бир қисми. Қонун шундай». Шундан кейин кўп ўтмай Жой вафот этади ва Клайв Льюис якунловчи эпизодлардан бирида Жойнинг онасиз қолган ўғлини юпатишга уринади. Льюис худди чўкаётган одам қутқариш чамбарагига тармашгани каби ёки оч киши овқатни орзу қилганидек, самодаги ишончга маҳкам ёпишади. У Жойнинг сўзларини бир оз бошқачароқ ифодалайди: «Ҳозирги изтироблар – келгуси бахтнинг бир қисми. Қонун шундай». Ҳаворий Павлусга ҳам азоб-уқубатлар бегона бўлмаган, унинг эътиқоди хавфли даражада қийшайган сайёрага адолат келтириши мумкин бўлган ягона ечимга – Худонинг шифолаши ва бу дунёни қайта тиклаши зарурлигига асосланган эди. Павлуснинг ҳаёт тарихи ўз ичига кўп марта калтак ейишлар, қамоқлар, кема ағдарилиши ва илон чақишини олади, лекин барибир у буларнинг ҳаммасини келгуси ҳолатга умид қилиб, қувонч билан қарши олди: «Бизнинг ўткинчи, енгил азоб-уқубатларимиз [!] бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради». Ҳаворий бу билан чекланиб қолмай, унинг ваъзи ва эътиқоди ўликдан тирилишсиз бефойда эканлигини тўғридан-тўғри баён қилади. «Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз», – эълон қилади у ҳазин овозда. Мен Ньютаун жамоасига немис шоири Фридрих Рюккертнинг шеърларини ўқиб бердим. Қизилча касаллиги сабабли икки фарзандидан айрилгач, Рюккерт қайғу хуружида 428 та шеър ёзди. Бастакор Густав Малер улардан бештасини “Ўлган болалар” номи остидаги циклга бирлаштириб, уларга куй басталади. «Қувноқ нурларда эрийди зулмат, гўё тун қайғу келтирмагандек», – деб бошланади улардан бири. Қандай қилиб қуёш тушкунликнинг ғамгин туманини енгиб ўтишга журъат қилади?! Малер қўшиқларидан охиргиси беихтиёр “Сэнди–Хук” мактабини эслатиб, ғам тортаётган онага тасалли келтирадиган ўша умид билан якунланади. Яшин даҳшат солиб гулдираганда, Болаларни бекитиб, уйда яширар эдим. Лек, уларни уйидан айирдилар, – Афсус, бир сўз дея олмадим! Қандай бўрон, жала, дўл! Болалар, қайтинг, қайтинг ортга! Йўқса, қабр олар сизларни! Аммо ўлим хавотирни ўлдирди. Яшин даҳшат солиб гулдираганда, Болаларни бекитиб, уйда яширар эдим. Лек, уларни уйидан айирдилар, – Афсус, бир сўз дея олмадим! Бундай бўрон, жала ва дўлда Улар гўё уйда ухлашар: Яратувчи Қўли остида, Бўронлардан паноҳ топишар. Мен худди Ердаги мавжудлик биз Гўзал Диёрга йўлда босиб ўтишимиз шарт бўлган қандайдир ўлим олди ҳолатидек, ўлимдан кейинги ҳаётга жуда кўп эътибор қаратган масиҳийлар орасида катта бўлдим. Яхшиямки, Юрген Мольтманн ва Николас Райт каби илоҳиётчилар диққатимни бизнинг ҳозирги ва бўлғуси ҳолатимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқликка жамлаб, ушбу бузилган мувозанатни тўғрилашга ёрдам беришди. Шундай бўлса ҳам, мен, айниқса, автоҳалокатга учраганимда ва ўлим билан юзма–юз келганимда, фақат Ердаги ҳаётга диққатимни жамлаб, бошқа томонга оғишга ҳаққим йўқлигини ҳам тушундим. Мен яралганларни икки эгизак душман – ёвузлик ва ўлимдан мангу қутқариш тўғрисида Худонинг ваъдасини эслатиб туришларига муҳтожман. Акс ҳолда, ҳар биримизда қандай умид қолган бўларди? Аюб ўз кулфати орасида ҳаммасини тўғри тушунди, чунки ўлим эҳтимоли ҳақида мулоҳаза қиларди: “Хўш, агар ўликлар диёри менинг уйим бўлса, Тўшагимни зулматда ёзсам, Қабрга, сен отамсан, десам, Қурт–қумурсқаларни, онамсиз, опа–сингилларимсиз, десам, Мен умидли одам бўламанми? Мени, умиди бор, деб ким айтади?!” “Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?” қўлёзмаси устида ишлар эканман, Аюб китобининг охирида илгари ҳеч қачон эътибор қилмаганим бир тафсилотга кўзим тушиб қолди. Муаллиф Аюб ўз синовлари даврини ўтганидан сўнг, Худо унга у йўқотганидан нақ икки марта кўп нарса берганини кўрсатади: 7.000 мингта қўй ўрнига 14.000 қўй; 3.000 туя ўрнига 6.000 туя; 500 та ҳўкиз ва эшак ўрнига 1.000 та. Бироқ бир истисно ҳам бор эди. Аюб етти ўғли ва уч қизини йўқотганди ва тиклаш жараёнида унинг етти ўғли ва уч қизи туғилди – икки марта кўп эмас, балки олдин қанча бўлган бўлса, худди шунча. Қўйлар ва ҳўкизлар каби одамнинг ўрнини алмаштириш мумкин эмас. Ҳатто само ва мангу ҳаёт ҳақидаги ваҳийлардан анча олдин ёзилган бу қадимий тарих ҳам бўлажак ўликларнинг тирилишини кўрсатади. Бир кун келиб ўзининг дастлабки ўн фарзанди билан қўшилиб ва уларни кейинроқ туғилган ўн фарзанди билан учраштириб, Аюб икки баробар мукофот олади. Цунами вайрон қилган Япония минтақаси бўйлаб саёҳатим вақтида мен юздан ортиқ бола ҳалок бўлган бир умумий ўрта мактабга бордим. Кўз олдимда ноширим ўзининг iPad’ини кўтариб, ушбу мактаб ўқувчиларидан бири суратга олиб, YouTubeга жойлаган видеороликни ишга туширди: бизнинг турган жойимизга ўша пайтда сувли девор шиддат билан ёпирилганди. Иккинчи қаватдаги синфларнинг деворлари сувнинг кўтарилиш даражасини аниқ кўрсатарди. Кўп болалар юқори қаватга кўтарилишга ҳаракат қилишганидан зинапояда ҳалок бўлишганди. Бир йил ўтгач, япон оналари доимгидек ҳар куни мактабга келишарди, чунки сув билан қайтган пляжлардаги барча ахлат – энг кичик бўлакларгача – мактабнинг спорт залини тўлдирганча қутиларга яхшилаб сараланган эди. Оналар фарзандларини эслатиб турадиган нарсаларни – тушлик қутиси; сиёҳли қалам; фотосуратлар; мақтов ёрлиғи; мактаб деворий газетаси; юмшоқ ўйинчоқларни – қидириб топиш учун қутиларни бирма бир саралашарди. Энди ҳар сафар Бостон марафонида 2013 йилда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар хотирасини ёдга олишади. Бутунжаҳон савдо маркази ёдгорлиги ҳар бир қурбоннинг исмини кўрсатади. Баъзи ота–оналар ўз боласининг хонасини 2012 йилда бўлган кўринишда сақлашади ва ҳамма хотиралар парчаларини авайлашади: фотосуратлар, видеоёзувлар, севимли ўйинчоқлар. Биз Қодир Худо янада кўпроқ нарсалар қилишидан умидовор бўламиз: худди ўша Эмили, Дон, Даниэл, Шарлота, Жозеф, Кэтрин, Жек, Дилан, Лорен ва бошқа ҳаммани шунчаки хотирада жонлантириш эмас, балки тирилтириш, янги ҳаёт бахш этишдан. Мавлуд байрамида биз “О кичик шаҳар Байтлаҳм” мадҳиясини куйлаймиз, унда қуйидаги сатрлар бор: «Қоронғу кўчаларингда Нур мангу порлади; ўтмишдаги умид ва қўрқувнинг учрашув жойига айландинг». Гарчи “Сэнди–Хук”даги қирғиндан кейин тез орада бутун дунё эсга олган бу булғанган, зўравонликка ботган сайёрада ҳали ҳам ёвузлик ва ўлим ҳукмронлик қилаётган бўлсада, у бизнинг энг энг яхши, чин умидимизни мужассамлаштиради. Бизга бутунлай қарама–қаршилик йўлини кўрсатиш учун Исо бу дунёга ночорлик ва офатлар вақтида кириб келди. Муқаддас Китобнинг охирги Китоби бу қандай кўринишда бўлишини кўрсатади: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди. Энди ўлим мавжуд бўлмайди, Ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди. Зеро, аввалгилар ўтиб кетди... Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!». Масиҳ тирилганидан сўнг, Хушхабар бутун Рим империяси бўйлаб тарқалгач, илк масиҳийлар худди бу таназзулга учраган сайёрадаги бошқа одамлар каби ўлишда давом этавердилар. Бироқ, вақт ўтгач ўз нишидан айрилган ўлим бўйсундирилди. Энди вафот этганларни мажусийлар мақбаралари ва қишлоқларнинг четига эмас, балки сояли Жамоат ҳовлиларининг айнан “уйқу жойи”5 деб номланган қабристонларига дафн этишарди. Бу ўзгариш шунчаки рамзий эмасди, сабаби тананинг тирилиши ваъдасига чуқур ишончни акс эттирарди. Лондондаги Авлиё Павлус ибодатхонасининг бош руҳонийси Жон Донн XVII асрдаги вабо эпидемиясининг энг ёмон йилларида юзлаб одамларни дафн қилди. Ўзим ҳам ҳалокатли касалликни юқтириб олдим деган қарорга келгач, у қуйидагича дадил баёнот қилди: Ўлим кеккаяверма: бу одамлар ёлғони, Гўёки енгиб бўлмас кучинг бормиш... Ҳаммамизни уйқудан мангуга уйғотишар, Эй сен, о ўлим, шунда ўзинг ҳам ўласан. Ўлимнинг ўзи ҳам ўлиши – Ньютаун ва бутун дунё яна бир бор эшитиши зарур бўлган мактубдир. 5–ҚИСМ УЧ БУЮК СИНОВ Сёрен Кьеркегорда ҳамма нарса эсон–омонликка кўмаклашишини кузатиб турадиган, ишончга сазовор, яхши кўрувчи Худо ҳақида китоб ёзган киши тўғрисидаги масални учратиш мумкин. Кейин бу одам билан унинг бутун эътиқодларига шубҳа солган кулфат рўй берди. Қани ўша севувчи Худо бундайин бир пайтда? Боши қотган ёзувчи ёрдам сўраб ўзи таниш бўлмаган воизхонга мурожаат қилади ва унга дардини тўкиб солади. Бу одамни эшитган воизхон ёзувчига қониқарли жавоблар беролмаслигини тушунади ва Худонинг севгиси ҳақидаги бир ажойиб китобни ўқиб чиқишни маслаҳат беради. Лекин ёзувчи шундай жавоб беради: «Ўша китобнинг муаллифи мен». Қўлингиздаги китоб устида ишлар эканман, мен ўзимни қисман худди Кьеркегор масалидаги ёзувчидек ҳис қилардим. Кўп йиллар олдин ёш муаллиф ва шаклланаётган масиҳий бўлганимда, “Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда?” саволини ўрганишим натижаларини қоғозда баён қилдим. Энди эса одамлар жавоб излаб менга мурожаат қилишмоқда ва фожиали воқеалардан сўнг бошқа кетма-кет келаверадиган қийин муаммолар ҳақида сўрашмоқда. Шу билан бирга, бу савол ҳамиша очиқ қолмоқда – нафақат мен учун, балки ҳар бир инсон учун. Қоронғуликда яшар эканмиз, биз пайпасланиб ёруғликка қараб борамиз. Учта қитъадаги 2012 йилнинг учта энг муҳим ҳодисасида мен бу саволга яна дуч келдим, 2013 йилдаги навбатма–навбат содир бўлган янги фожиалар эса бу саволни янада долзарб қилиб қўйди. Бу ерда тақдим этилган мулоҳазалар дард муаммосини ҳеч ҳам “ҳал” қилмайди ва азоб чекаётганлар дуч келадиган бошқа муаммоларни йўл–йўлакай бўлсада, тилга олмайди. Бироқ барибир мен айнан шу саволни, яъни “Худо қани, ўзи?” деган саволни Муқаддас Китоб ҳар ҳолда ёритиб беради, деган ишончда қатъий турибман. Биринчи жавоб 2013 йилда осойишта Сэнди–Хукда содир бўлган фожиа туфайли бузилган – биз байрам қиладиган Мавлуд байрамида содир бўлган воқеаларга таянади. Янги Аҳд “Кўринмас Худонинг сурати” сифатида тасвирлайдиган Исо туфайли, мен ишонч билан айта оламанки, Худо азобланаётганлар томонида. Ҳатто фақат айримларгина Худога ишонадиган Японияда ҳамми? Ҳатто дин ҳарбий низонинг ўзагида бўлган Сараевода ҳамми? Албатта! Мен учун Исо самарияликларга (ўша кунларда уларни бидъатчилар деб аташарди) ёки қариндошлари касал бўлиб қолган римлик мажусийларга назар ташлаши етарли. Бир неча йил олдин мен ўрта асрлардаги “яхши ўлим” ғояси тикланишига ҳаммадан кўра кўпроқ кўмаклашган, замонавий хоспислар ҳаракатининг асосчиси бўлган аёл – Дейм Сисели Сондерсдан интервью олдим. Бу аёл бир кунда ҳаммамиз бутун умримиз давомида кўрган азобдан кўра кўпроқ азобларни кузатди. Мен Дейм Сиселига савол бердим: «Худо қани?» – ва мана олган жавобим: «Бу эркин ва хавфли дунёда содир бўлаётган балоларнинг олдини олиш ўрнига, Худо уларнинг барини биз билан бирга баҳам кўради». Исо қиёфасида Худо биз билан азобларимизни баҳам кўрганлиги туфайли, биз, Исонинг издошлари, азобларни ўзгартириш – аввалига бутунлай ёмон туюлган нарсадан яхшилик олиш имконини қўлга киритдик. Рим аскарлари Ўғилни хочга михлаётганини кузатаётиб, ҳафасалси пир бўлган шогирдларга, ҳойнаҳой, Ота Худо заиф ва лоқайд бўлиб туюлгандир. Ҳатто Исо ҳам Ўзини бутунлай ташлаб қўйилган деб ҳис қилди. Мен Сараево ва Ньютаунда одамлар худди шундай саросималик, хиёнат ва ночорлик туйғуларини тасвирлаганликларини эшитганман. Наҳотки Худо учун ҳаммаси барибир бўлса? Қандай қилиб У бундай нарсаларга йўл қўя олади? Ортга, Гўлготадаги ўша кунга қараб, қуйидаги қоидани кўриш мумкин: Худо яққол мағлубиятни қатъий ғалабага айлантиради. У инсон эркинлигини бермади ва ҳатто ёмонликни бартараф этмади. Бунинг ўрнига кимнингдир ёмонликни кўзлаган ниятларини Худо яхшилик учун ишлатди. Менинг иккинчи саволим фожиалар жойлари бўйлаб сафарларимда кузатганларимни акс эттиради. Мен азоб чекаётганимда, Худо қаерда? Бугун Худо Жамоатда – Унинг Ер юзидаги мухтор иштирокида. Саволимизни ҳатто бундай қайта ифодалашимиз мумкин: «Мен азоб чекаётганимда, Жамоат қаерда?» Японияда мен цунами вайрон қилган уйларни тиклаш учун ярим дунёни кезиб ўтган ишчиларни кўрдим. Сараевода мен бошқа масиҳийларнинг кўпчилиги қочиб кетгандан кейин ҳам, узоқ вақт давомида камбағалларга хизмат қилиш ва тинчликка кўмаклашиш учун қолган францисканларнинг монастирида яшадим. Ньютаунда Уолнат–Хилл жамоати келгуси эҳтиёжларни қоплаш мақсадида фожиани бошидан ўказган болалар учун узоқ муддатли маслаҳат беришларга ўхшаган захира фонди яратганди. «Биз ишимизни йиғишитириб қўймоқчи эмасмиз, – деб тушунтирди менга жамоат чўпони Клайв Калвер. – Жамоатимиз узоқ меҳнат қилишни мўлжаллаган». Вақт ҳамма яраларни даволамайди. Уларни ҳатто Худо ҳам тузатмайди – ҳеч бўлмаганда, шу дунёда. Шунга қарамай, бизда, Жамоатда иш бор. Бизнинг баъзиларимизда алоҳида қобилиятлар бор: масалаҳат бериш, тиббий ёрдам, қурилиш, амалий ёрдамнинг бошқа турлари. Ҳаммамиз севги кучига эришганмиз. Азоб–уқубатлар ажратиб қўяди, ўзини идрок қилишни бузади, умидни ўлдиради, лекин меҳрли ҳамдардлик бу учала балонинг ҳар бирини енгиши мумкин. Сэнди–Хукдаги воқеалардан кейин Морин Дауд «Нью–Йорк Таймс» газетасида ёзганидек: Мен таскин қаердандир олисдан келишини кутмайман. Мен ҳақиқатан ҳам Худо бу дунёда биз орқали ҳаракат қилишига ишонаман. Гарчи менда ҳали ҳам “Нима учун?” деган саволлар мавжуд бўлсада, улар унчалик ҳам Худога қаратилмаган. Биз – ўладиган одамлармиз. Биз азоб чекамиз ва ўламиз, аммо Худонинг ҳозир бўлишини ҳис қилишимиз ва таскин топишимиз бу азоблардаги бир-биримизга муносабат ва ўлимдан келиб чиқади... Аниқ биламан, шубҳасиз меҳрли ҳамдардлик парчаланган юракларни даволайди, яраларни боғлайди ва бизда ҳаётни қайта уйғотади. Агар Жамоат қилиши шарт бўлган ишни қилса, у ҳолда одамлар Худо қаердалиги ҳақидаги саволлар билан ўзларини қийнашмайди. Улар жавобни билишади. Худо ҳаётлари билан Павлус яхши ифодалаган бош вазифани бажараётган одамлар орқали кўриниш беради: “Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо – марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! Ҳар хил азоб-уқубатларга учраганимизда, Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз.” Саволимизга охирги жавоб Худонинг келгуси тикланиш ваъдасига бориб тақалади. Худо биз учун янги уй тайёрлаяпти. «Мен сизлар учун жой тайёрлашга кетаяпман», – деди Исо шогирдларига, тез орада бошдан кечирадиган чуқур руҳий изтиробларга уларни тайёрлар экан. У бизга кўп тафсилотларни очиб бермади ва шахсан мен бундан хурсандман. Бу келажакдаги ҳолат қандай бўлишини асло хаёлимга келтира олмаганман ёки ғира–шира бўлсада, тасаввур ҳам этолмаганман. Бу ҳолат ҳам бизнинг мушоҳадамиз доирасига сиғмайди. Бунинг ўрнига Исо биздан Унга ишонч билдиришимизни сўради. Агар У келажакдаги турар жойимиз борасида адашган бўлса, у ҳолда биз, Унинг алданган издошлари, барча тириклар орасидаги энг аянчлилармиз ҳамда Аюб, Забурни куйловчилар ва пайғамбарлар айтган норозилик сўзлари маъносиз оламда абадий акс–садо беради. Телешарҳловчилардан бири Виржиния Политехника университети ва “Колумбайн” мактабидаги фожиалар Фисиҳ байрамини бузгани каби Ньютаун ҳам Мавлуд байрамини умрбод “бузганлиги”дан хавотир билдирди. Эҳтимол у ҳақдир, лекин бир шарти билан – фақат сиз бу кунларни таназзулга юз тутган сайёрани қутқариш учун Худонинг режаси ҳақида хабар берувчи ҳақиқий воқеалар эмас, балки оддий байрамлар сифатида нишонлаётган бўлсангиз, холос. Қолаверса, бундан буён ва охирги кунларигача Мавлуд байрами чуқур қайғу даври бўладиган Ньютаундаги ота–оналар ўз нигоҳларини тобора кўпроқ Фисиҳга қаратишларини олдиндан сезаяпман. Жафоли ҳафта бизга азобларнинг андазасини яна тақдим этади. Буюк жумада Ер таклиф қилиши мумкин бўлган энг ёмонини Исо Ўзига олди. Азалий душманлар – ёвузлик ва ўлим – буюк адолатсизлик ҳаракатини содир этиб, бирлашди. Аммо ҳеч нарса меҳрибон Худонинг даволовчи кучига қарши тура олмаслигини намойиш этиб, фисиҳ якшанбаси бизга асл ҳолига қайтаришнинг ишончли ва шубҳасиз байроғини берди. Содир бўлган воқеанинг буюклиги, – бунинг устига содир бўлган воқеанинг ҳаққонийлигини – Исонинг шогирдлари кичик дўстона ишоралар: йўлда улар билан сайр қилиш; нонни синдириш; гулханда балиқ пишириш... орқали англадилар. Гарчи аввалига Исонинг ўликдан тирилиши уларнинг ҳаётига алоҳида ўзгаришлар киритмаган бўлсада, бу уларнинг бир кун келиб, ҳаммаси ўзгаришига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларга дунёга бутунлай янгича қарашни очди. Тез орада бу янгиланган одамлар ҳайратланарли яхши хабар – бу шунчаки алдов бўлиши мумкин бўлмаган хабарни эълон қилиб, кўчаларни оёққа турғазди. Бугун, икки минг йил ўтгандан сўнг, биз гўё Буюк шанба даврида – оралиқ кунда яшаяпмиз. Биз марҳаматга айланиши мумкин бўлмаган азоблар мавжудлигини аниқ тасдиқлаётган Жафоли жумага ўгирилаяпмиз ва янгиланган яратилишни ҳозирча рўёбга чиқмаган истагимиз билан олдинга қараяпмиз. Бизда, ноаниқликни кутиш ҳолатида, ҳозирча азоблардан дорилар йўқ, лекин уларнинг мазмунини очиб берадиган андазаларга кўра, улардан фойдаланиш имкониятимиз бор. Ливанда гаровда тўрт йил асирликда сақланганидан сўнг, озод бўлган Терри Уэйт айтганидек: «Асирда бўлганимда ўзимнинг бу тажрибамни бошқа одамлар учун қандайдир фойдали ва эзгу нарсага айлантиришга мен доимо қатъиятли эдим – ҳозир ҳам шундайман. Фикримча, бу – азобларга нисбатан энг яхши ёндашув. Назаримда, масиҳийлик азобларни ҳеч ҳам камайтириб кўрсатмайди. У сизга азобларни қабул қилиш, улар олдида эсанкираб қолмаслик, уларни енгиб ўтиш ва охир–оқибатда уларни ўзгартириш қобилиятини беради». Сараево, Япония ва Ньютаунда мен дуч келган изтироблар муаммосининг ечимини фақат Худо таклиф қилиши мумкин. Шоир Жорж Герберт ўша кунни соғинади: «Қачон Сенинг севгингни ўз кўзимиз билан кўрамиз! Қачон бизни азобдан қутқарасан, Сен». Бироқ ўша лаҳзагача биз ҳар қандай таскин Худоси бизни тарк этмаганлиги ва ёвузлик ҳамда ўлим томонидан вайрон қилинган ҳамма нарсани тиклаш бўйича аста–секин, лекин ишончли ишни давом эттираётгани ваъдасига қаттиқ суянамиз. «Сэнди–Хук»даги қирғиндан сўнг дарҳол дўстларимдан бири менга Дитрих Бонхёффернинг иқтибосини юборди. Коллеж ётоқхонасидаги бир хонада яшаган, немис дўстим ёзиб юборганди: «Буни Жамоатимиз мадҳиялари тўпламининг охиридан топдим. Таржима қилиб, сенга юбораяпман. Бундай кунда шу сўзларнинг айни пайтидир». Жамоат чўпони ва илоҳиётчи Бонхёффер нацист тузумга қаршилик қилгани учун концлагерга тушиб қолганди. Ишонаманки, Худо ҳамма нарсадан – ҳатто энг ёмон ёвузликдан ҳам яхшилик чиқариши мумкин. Бунинг учун Худога одамлар керак, улар орқали мазкур томойилга биноан, бўлиб ўтаётган ҳамма нарсалар яхшиликка айлантирилади. Ишонаманки, ҳар қандай фавқулодда вазиятда Худо қаршилик қилиш учун қанчалик керак бўлса, шунчалик кучни бизга беради. Аммо биз ўзимизга эмас, балки фақат Унга умид қилишимиз учун, У бу кучни бизга олдиндан бериб қўймайди. Шундай ишонч туфайли келажак ҳақидаги ҳар қандай хавотир енгиб ўтилиши шарт. Ишонаманки, ҳатто бизнинг хатоларимиз ва муваффақиятсизликларимиз ҳам бежиз бўлмаган ва биз яхши деб ҳисоблайдиган ишларга қараганда, буларни эплаш қийин эмас. Ишонаманки, Худо – абадийликкача бўлган қандайдир тақдир эмас, балки самимий ибодатларни ҳамда масъулиятли хатти–ҳаракатларни кутаётган ва уларга жавоб берадиган Зотдир. Бонхёффер бу эътиқод рамзини гестапочилар томонидан қатл қилинишидан сал олдин тузган, қатл эса Германия сўзсиз таслим бўлишидан йигирма уч кун аввал содир бўлганди. У ўлимни эркинлик йўлидаги буюк байрам деб атаганди. Агар Бонхёффер хато қилган бўлса, у ҳолда ҳамма нарса бой берилган. Борди-ю, у ҳақ бўлса, демак ҳаммаси эндигина бошланаяпти. МИННАТДОРЧИЛИКЛАР Ушбу китоб 2012 йилдаги учта фожиа жойларини бориб кўришда кўтарилган саволлардан туғилди. Тез орада 2013 йилнинг дастлабки ойлари навбатдаги кетма–кет фожиаларни келтириб чиқарди: Бостон марафонидаги бомбалар портлаши; Техас ўғит ишлаб чиқариш заводидаги ҳалокат; Хитойдаги зилзила; Бангладешдаги бино қулаши; Оклахомадаги ҳалокатли тўфон. Нега бундай бўлаётгани ва бунинг ҳаммасига Худонинг нима алоқаси борлиги масаласи, шубҳасиз, долзарб. Бу мавзуни ўзимнинг веб-сайтимда ёки Facebookда қачонки тилга олсам, минглаб янги ўқувчилар баҳсга қўшилаётгани бунинг исботидир. Ҳаммадан кўра кўпроқ, Япония, Сараево ва Коннектикут штати Ньютаун шаҳридаги одамлардан миннатдорман, улар ўзларининг тажрибаси худди шундай йўлни ўтаётган бошқа одамларга таскин бериши умидида менга ўзларининг чуқур қайғуларини очиб беришганди. «Криэйтив Траст Медиа»даги дўстларим ва ҳамкасбларим бу китоб ёруғлик юзини кўриши учун катта иш қилишди. Мен нашрни тайёрлаш жараёнини бошқарган Кэтрин Хелмерс ва Дениз Жорждан, шунингдек, тадқиқотларни ташкил қилиш ва дизайнни ишлаб чиқишда ёрдам берган Мелисса Николсон, Лора Кэнби ва Жонни Бартдан алоҳида миннатдорман. Инсониятнинг ўзи каби қадимий ва Интернетдаги янгиликлар сайти каби долзарб масалалар устидаги мулоҳазаларим мана кўз ўнгингизда турибди. 1 Гарольд Кушнернинг шов-шув бўлган «Яхши одамлар билан ёмон воқеалар рўй берганда” китобига ишора. – Таҳр. изоҳи. 2 Биринчи бўлиб қаршилик кўрсатганлар хорватлар бўлди. Уларнинг шахсий армияси бўлмаган - Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган бир нечта танк ва экинларга ишлов бериш учун ишлатилган қишлоқ хўжалик авиацияси самолётлари бор эди, холос. Импровизация қилиш орқали хорватлар самолётлардан серб ҳарбий позицияларига пропан билан тўлдирилган баллонларни ва бойлерларни ташлашарди. Қурол етказиб бериш мақсдида халқаро эмбаргони айланиб ўтиш учун, улар қамоқлардан обрўманд жиноятчиларни чиқариб юборишди, уларга юк машинаси тўла пул, қурол-яроқнинг қора бозорини излаш учун тўла эркинлик бериб қўйишди. Соврин сифатида, бу жиноятчиларнинг баъзиларига юқори ҳукумат мансабларини беришди. – Муалл. изоҳи. 3 Колорадодаги жамоат чўпоним қачонлардир Регент коллежида ўқиган пайтлари Южин Петерсон ўтадиган Забур ўқув курсини ўтган. «Менга бу курс ёқарди, эслайди у, - лекин уй вазифаларини ёқтирмасдим. Петерсон биздан тоза ҳавога - Ванкувер кампуси атрофидаги қуюқ ўрмонга чиқиб - худди осмонга отгандек, баланд овозда кунига бештадан санога иқтибос келтиришни талаб қиларди». –Муалл.изоҳи. 4 Муаллиф томонидан бу ерда ва кейинги ўринларда ишлатилган «redemption» сўзи иккала маънога эга. - Таҳр. изоҳи. 5 Инглизча cemetery (қабристон) сўзи юнончадан келиб чиққан бўлиб, айнан “ухлашга ётқизиш” маъносини англатади. – Таҳр. изоҳи. --------------- ------------------------------------------------------------ --------------- ------------------------------------------------------------