ОБЛОЖКА Э З Г У Л И К УЧУН АЗОБ ЧЕКИШ РИСУНОК Ч А Р Л З С Т Е Н Л И На отдельной странице Чарлз Стенли Э З Г У Л И К УЧУН АЗОБ ЧЕКИШ НИМА УЧУН ХУДО ОҒИР ПАЙТЛАР БЎЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЯДИ “Утро” нашриёти Москва, 2008 На отдельной странице ББК 86.37 С79 Инглизчадан таржима Originally published in the U.S.A. under the title: THE BLESSINGS OF BROKENNESS Charles Stanley Published by permission of Zondervan Grand Rapids, Michigan, U.S.A. All rights reserved. Стенли, Чарлз С79 Эзгулик учун азоб чекиш / Инглизчадан тарж. – М.: Утро, 2008. – 176 б. Чарлз Стенли ўз китобида, азоб-уқубатлар – бу бизни марҳаматлаш учун Худо қўллаган қурол эканини намоён этади. Азоб-уқубатларга бундай нуқтаи назардан қараш – улкан кучдир, шундай куч ҳар қандай синов ва қийинчиликларга бардош беришимизда бизга ёрдам беришга қодир, қолаверса, эзгуликка хизмат қилувчи кучдир. ББК 86.37 ISBN 0-310-20026-1 () © Charley,1997 На отдельной странице Оғир пайтларда доимо мени қўллаб-қувватлаган Атлантадаги Биринчи баптист жамоати аъзоларига бағишланади С новой страницы 1 – боб АЗОБ-УҚУБАТЛАР МАРҲАМАТ БЎЛА ОЛАДИМИ? Азоб-уқубатлар. Марҳаматлар. Бу икки сўз бир-бирига унчалик мос келмайди. Аксинча, маъно жиҳатдан бу сўзлар бир-бирига қарама-қаршидир. Атрофда ҳамма нарса барбод бўлиб, ер ағдар-тўнтар бўлаётган бир пайтда, ғамга ботиш ва руҳан изтиробга тушиш қандай эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар биримиз, иссиқ кўрпа ичидан чиқишни асло истамайдиган ҳалатларга тушамиз. Баъзида эса, ҳаммаси зўрдай туюлади, аммо негадир кўзимиздан дувуллаб оқаётган ёшларни тўхтата олмаймиз. Руҳан изтиробга тушиш кўпинча азоб-уқубат, ғам-алам ва ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас бўшлиқни ҳис қилиш орқали кечади. Бундай холатда инсон ҳеч қандай марҳаматни ҳис қилмайди. Ҳаётимдаги энг аччиқ ва оғир дақиқалар айнан руҳан изтиробга тушганимда юз берган. Мен ҳам сизларнинг барчангиз сингари, азоб-уқубатга тушишни, ожизликни ва дард-аламни ҳис қилишни асло хуш кўрмайман. Ҳаётимиздаги маълум бир вазиятлар бизга ғам-ташвиш етказиши мумкин. Аммо баъзида дард-алам шунчалик аччиқ ва изтиробли бўладики, биз ҳаттоки шифо топишга ҳам ҳар қандай умидни йўқотиб қўямиз. Бироқ шу билан бирга яна шуни англадимки, айнан руҳан изтиробни енгиб ўтганимиздан кейингина биз Худонинг буюк марҳаматларини ҳис қила олишимиз мумкин. Кучсизлик ва заифлик давридан сўнг бизнинг ҳаётимиз ниҳоятда самарали ва мазмун-маънога тўлиб тошади. Бўронли кечанинг сокин эртаси доимо ажойиб, мўъжизавий кўринади. Азоб-уқубатлар давридан сўнг шоду ҳуррамликни ҳис этиш, завқ-шавқ келтиради. Азоб-уқубатлардан сўнг Худонинг ҳузур-халовати ва марҳаматлари келиши мумкин. ДАРД-АЛАМДАН ҚОЧИШ КЕРАКМИ ЁКИ УНИ ЕНГИШМИ? Муқаддас Китоб азоб-уқубатлар ҳақида нима деганини кўпчилик тушунмайди ёки тўғри тушунишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам биз азоб-уқубатлардан ниҳоятда қўрқамиз ва имкон қадар улардан қочиб қутулишга интиламиз. Бугунги кундаги тўкин-сочинлик ва фаровон ҳаёт, бизнинг хасталикларимизга шифо берувчи Худо ҳақида жуда кўп гапирилаётган бир пайтда, азоб-уқубат мавзуси унчалик аҳамиятга эга эмасдай кўринади. Бироқ Худонинг марҳаматларига эга бўлишни истаганларга, ҳозирги пайтда айнан азоб-уқубат мавзуси ҳақида гапириш керак бўлади. Нега мен шундай хулоса чиқаряпман? Чунки бугунги кунда Худо нафақат бизнинг хоҳиш-истакларимизни амалга оширади, балки У бизни ва бизнинг истакларимизни ўзгартиради ҳам. Худо бизнинг устимиздан ишламоқда, бизга сайқал бермоқда, зеро У бизни, Худо билан абадий ҳаёт кечиришимиз мумкин бўлган инсонларни тарбияламоқда. Худо барча хоҳиш-истакларимизни ва қандайдир орзу-умидларимизни амалга ошириш учунгина бизни яратмаган. Биз Унинг ҳар қандай иродасини бажаришимиз мақсадида яратган, хусусан, У бизни Ўзи учун яратган. Сиз ўзингиз учун энг зўр ҳаётни танлашни истайсизми, деб мен сўрайдиган бўлсам, жавоб оддий ва табиий бўлади: албатта, ҳа. Агар сиздан: “Сиз ҳали туғилмасингиздан Худо сизни қандай қилиб яратишни ўйлаб қўйган режаси бўйича, чиндан шундай одам бўлишни хоҳлайсизми?” деб сўрасам, сўзсиз жавоб яна ижобий бўлади. Бироқ қуйидагича саволга қандай жавоб берган бўлар эдингиз: “Сизни аввалига тўлиқ тайёр холатга ва итоатгўйликка келтириш учун Худо барча амалларни қўллашини, кейин сизни Ўзи ўйлаганича яратишини сиз хоҳлармидингиз?” Худонинг марҳаматларига эга бўлиш учун, биз ўзимизни Раббийга тўлиқ топширишимиз керак. Ана шундагина Худонинг Муқаддас Руҳи бизни шундай бошқариб борадики, бизнинг ҳаётимизда Раббий Исо Масиҳ намоён бўлади. Бундай ҳолатга эришиш осонликча кечмайди. Биз, ҳаттоки ўзимизни тўлиқ Худога итоат эттирганимизда ҳам, биз мукаммаллашишда давом этишимиз керак. Бунинг учун фақатгина вақт эмас, балки кўплаб шарт-шароитлар ҳам талаб этилади. Ҳеч биримиз Исо Масиҳни Нажоткоримиз деб тан олиб, шу заҳотиёқ “тўлиқ шаклланган”, мукаммал масиҳийга айланиб қолмаймиз. Биз руҳан янги ижодга айланамиз. Бироқ Масиҳ табиатига эга бўлиб, ўсиб-улғайиш учун бизга маълум вақт керак бўлади. Руҳий улғайиш – бу инсон хатоларга йўл қўядиган, қийинчиликларни бошидан кечирадиган, ўзини ниҳоятда заиф ҳис қиладиган жараёндир. Бизнинг улғайишимиз фақатгина руҳий муҳитда юз бермайди. Улғайиш бизнинг онгимизни ва ҳис-туйғуларимизни янгилашни ҳам ўз ичига олади. Одат тусига кириб қолган холатларни ўзгартириш осон эмас. Қон-қонимизга сингиб кетган одатларни юракдан ва онгдан чиқариб ташлашга қанчалик уринмайлик, улар бизларни бошқариб тураверади. Турли нарсаларга ва ҳолатларга эскича қараш қийинчилик билан унутилади. Кўплаб вазиятларда аввалги ўзаро муносабатларни янгилаш ёки қайта кўриб чиқиш лозим. Баъзида биз чин дилдан яхши кўрган одамларнинг ҳаётида руҳий ўсиш аломатлари намоён бўлмайди, ёки биз истаган даражада шиддат билан улғаймайдилар. Кайфиятимиз кўтаринки ва беғам бўлган ҳолатларда ҳам, биз баъзида ўзимизни яхши билмаслигимиздан азият чекамиз, бинобарин, шахсий гуноҳларимиз жиддийлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаймиз. Бошқача қилиб айтганда, биз ўзимизнинг мужмал томонларимизни кўра билмаймиз. Биз барча гуноҳларимизга тавба қилганимизни кўз ўнгимизга келтирамиз. Бироқ Худо бизнинг ҳаётимизнинг номаълум ва янгидан-янги соҳаларини очишни давом эттиради. Айнан шундай соҳаларда биз Худонинг кечиримига эга бўлишимиз, покланишимиз, ўзгаришимиз, шифо топишимиз ёки Муқаддас Руҳ кучи орқали янгиланишимиз зарур. Эскирган табиатимиздан қутулишда, хулқ-атворимиздаги қўпол хислатларни бартараф қилишда, ўзимизга номаълум бўлган бебаҳо хусусиятларни очишда биз қайта ва қайта боши берк кўчага кириб, тушкун аҳволда қоламиз. Бу оғир ва қийин жараён. Аммо бу самара келтирадиган жараёндир. Азоб-уқубатлардан қўрқмаслик ёки ҳар қандай йўллар билан қочиб қутулишга интилмаслик керак. Уларни имон билан қабул қилиш лозим. Агар Худонинг қай тарзда бизни яратишни режалаштирганини биз билишни истасак, биз руҳан изтироб чоғларида ибодатда ўзимизни Унга бағишлашимиз керак ва нима учун азоблар йўлларидан ўтишимизни ва Худо бизни нималарга ўргатмоқчилигини очиб беришига имкон беришимиз керак. БЕНУҚСОН ИДИШ Кунларнинг бирида Раббий пайғамбар Еремиёга шундай сўзлар билан мурожаат қилди: Ўрнингдан тур ва кулолнинг уйига бор, у ерда Мен сенга Ўз Сўзларимни айтаман. Мен кулолнинг уйига бордим. Кулол чарх уриб ишлаётган эди. У лойдан ясаётган идиш унинг қўлларида синиб кетди, шундан кейин у ўзи хоҳлаган шаклдаги бошқа бир идишни ясади. Раббий Ўз сўзини менга аён қилиб, деди: Эй Исроил хонадони, наҳотки бу кулол қилган ишни Мен сизларга қила олмасам?! Сизлар Менинг қўлларимда, худди кулолнинг қўлидаги лой сингарисизлар. Еремиё 18:2-6 Кулолнинг ўз дастгоҳида ишлаётганини сиз ҳеч кузатишга муяссар бўлганмисиз? Устанинг қўллари авайлабгина лойни эзиб, аста-секин ундан сопол идиш ясайди. Агар яратган ижоди устага ёқмайдиган бўлса, - балки шакли нотўғри чиққандир ёки кўзанинг деворчасига ҳаво тўпланиб қолган бўлса, кулол лойни ғижимлаб, ҳаммасини бошидан бошлайди. Бу - кулол ўз қўли билан яратган ижодни нобуд қилмоқчи эканини англатмайди. Аксинча, унинг мақсади – мукаммал ижод яратишдир: янада гўзал ва ажойиб, фойдали идиш ясашдир. Худо ҳам худди шу тарзда бизнинг ҳаётимизда ҳаракат қилади. У биздан Ўзига маъқул ва мос келадиган ижод яратади. Фақат ўшандагина биз Унга ҳамду сано айтамиз ва имкон қадар мукаммал тарзда Худонинг Шоҳлигини эътироф этамиз. Сиз ким бўлишни хоҳлайсиз? Ўз тасаввурингизга кўра ясалган ва имкони, билими, кучи, иқтидори чекланган ва ўткинчи аҳамиятга эга эмас ҳаётга асосланган идиш бўлмоқчимисиз? Ёки Худонинг режаси, Унинг беқиёс севгиси ва муҳаббати асосида ясалган, абадий ва чек-чегараси йўқ, порлоқ ҳаётда хизмат қилувчи идиш бўлмоқчимисиз? Худонинг иродасини танлар эканмиз, биз шу ирода ортида турган нарсаларни ҳам танлаймиз – биз барча азоб-уқубатларга тайёр туришимиз, бизни поклашга Унга ижозат бериб, шунга шарт-шароит яратишга интилишимиз ва Унинг истагига биноан, керак бўлса, барча тўсиқ, азоб-уқубат ва кўз ёшлар йўлидан юришга доимо шай бўлишимиз лозим. Азоб-уқубатлар буюк марҳаматларга айланиши мумкин. Аммо бу ҳолат, биз ўзимизни тўлиқ Худога бағишлаган тақдирдагина, тамомила рўёбга чиқади. С новой страницы 2 – боб ХУДО БИЗГА ЭНГ ЯХШИСИНИ ИСТАЙДИ Ҳужумлар ва фалокатларга дуч келганимизда, биз кўпинча норози бўлиб, шундай савол берамиз: “Худо қаерда? Нега У бундай ҳолатга йўл қўяди?” Ушбу саволни берар эканмиз, биз шундай фикр юритамиз: эҳтимол, бизга нима бўлишидан Худо бехабардир, акс ҳолда бундай бўлишига У йўл қўймасди, ёки бўлмаса, У бизни энди севмай қўйди. Ахир, Худо бизни севганида эди, бизни қийинчиликлардан ва кулфатлардан У албатта ҳимоя қилган бўлар эди. Бироқ шунга ўхшаш қарашлар хато, ўринсиздир. Гап шундаки, Худо ҳаммасини билади. Ва У бизни севади. “МЕНИНГ ҚУЛИМГА ЭЪТИБОР БЕР” Оғир кунларга дуч келганимизда ёки бошимизга ғам-ташвиш тушганда, биз кўпинча шундай ҳолатга тушиб қолишимизга айбдор кишини қидирамиз. Жавоб тариқасида қуйидаги икки гапдан бирини танлаймиз: “Бу шайтоннинг иши” ёки “Худонинг бизга юборган синови”, деймиз. Аслида, гап мана нимада: бу - Худо бизни синаш учун юборган шайтоннинг иши. Аюбнинг тарихини бир эслаб кўринг. Муқаддас Китобда Аюб ҳақида: “бенуқсон, адолатли ва Худодан қўрқадиган, ёвузликдан эса йироқлашадиган” киши деб ёзилган (Аюб 1:1). Кунларнинг бирида шайтон Худонинг олдида турди ва Раббий ундан сўради: “Менинг қулим бўлмиш Аюбга эътибор бердингми?” (Аюб 1:8). Шайтон шундай жавоб берди: “Аюб бекордан-бекорга Сендан қўрқармиди?! Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан-ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол-қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилган...” (Аюб 1-9:10). Худованд Аюбнинг бор-йўғини олиб қўйишни, фақат унга қарши қўл кўтармасликни шайтонга буюрди. Шайтон шундан фойдаланиб Аюб нимага эга бўлган бўлса, бор-йўғидан маҳрум қилди, шу жумладан, унинг болаларини, хизматкорларини ва мол-қўйларини йўқ қилди. Шунда Аюб деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч туғилдим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!” (Аюб 1:21). Шунча кўргуликлардан кейин ҳам, Аюб Худони айбламади. Бир куни шайтон яна Эгамизнинг ҳузурига келди, ва Эгамиз ундан сўради: “Қулим Аюбни кўрдингми? Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди” (Аюб 2:3). Шайтон шундай жавоб берди: “Инсон жонини сақлаб қолиш учун бор нарсасини беради. Унинг суягига ва танасига қўлларингни теккизиб, унга дард бер, шунда у Сенинг исмингна улуўлармикин?(Аюб 2:4-5). Шунда Эгамиз Аюбни шайтоннинг қўлига топширади ва фақат уни тирик қолдиришини шайтонга буюради. Шайтон шундай қилдики, Аюб бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қопланди. Аюб ниҳоятда азоб чека бошлади. Аюбнинг хотини унга Худони лаънатлашни ва шундан сўнг ўлиб қўя қолишини маслаҳат берди. Аюбнинг дўстлари келиб, унинг дардини янада мушкуллаштирдилар. Ва ниҳоят, Аюб Худога шундай деб мурожаат қилди: “Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан. Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди” (Аюб 42:2). Аюб азоб чекаётганини, ниҳоятда оғир синовларга дучор бўлганини Худованд билар эди. Ёлғиз Ўзига аён бўлган тушунчаларга асосан Худованд шундай қилди. Бироқ Эгамиз Аюбни бир дақиқага ҳам ёлғиз қолдирмади. Аюб бошидан кечирганларнинг ҳаммасидан У бохабар эди. Ва Худованд Аюбни поклаётганини Ўзи билар эди. Бизга келсак, ҳар сафар биз қийналишга дуч келганимизда, қуйидагиларни эсдан чиқармаслигимиз керак: Худо ҳаётимизнинг бошини ва охирини кўра билади. Ва Худо, биз бу дунёда, ерда тўлиқ англай олмайган порлоқ келажакни белгилаб қўйибди. Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилганида, унинг Худога ҳеч қандай саволлари йўқлигини айтди. Қолаверса, фақатгина Худода ўз бандаларидан нима хоҳласа, шуни сўрашга ҳуқуқи борлигини Аюб англаб етди. У солиҳ ва итоатгўй инсон эди. Худо Аюбга яна ҳузур-ҳаловатли ҳаётни қайтарди. Худованд Аюбни марҳаматлаб, унинг бутун мол-мулкини икки баробар кўпайтирди, олдингидан ҳам кўп баракали қилди. Аюбнинг ака-укалари, опа-сингиллари, барча таниш-билишлари қўллаб-қуввватладилар. Аюб яхши яшаб, узоқ умр кечирди. Бизнинг азоб-уқубатларимиз, ташвишларимиз қанчалик оғир бўлмасин, Худованд биз учун ҳар доим бахтли келажакни ёзиб қўйибди. Ҳаётимиздаги оғир даврлар – бу охири эмас, аксинча, бу бизни янада шарафли бўлган келажакка бошловчи вақтинчалик даврдир. Ҳа, Худо ҳаммасини билади. Ва Худованд бизни севади. ХУДОВАНД ҲАР ДОИМ СЕВГИ БИЛАН ҲАРАКАТЛАНАДИ Бизнинг ҳаётимизда Худованднинг қилган ишларини ва ҳаётимиз давомида У йўл қўйган ва содир бўлган барча воқеаларни бир нарса бошқаради – бу севгидир. Ҳаётимизда рўй бераётган умидсизлик ва қийналишлар Худованднинг раҳмсиз, шафқатсиз, бағритош ёки золимлиги учун эмас. Асло ундай эмас! Ҳаммаси аксинча. Ҳаётимиз қандай воқеалардан иборат эканини ёки ҳаёт қандай кечиши мумкинлигини Худо олдиндан кўра билади ва Унинг Ўзи бу билан севгига тўла бўлган руҳий муносабатларни истайди. У биздаги барча ижобий ҳислатларни намоён қилишни хоҳлайди, токи биз Унинг севгисини, донолигини, куч-қудратини ва марҳаматини ҳис қила олайлик. Биз марҳаматларга эришишимиз учун У бизнинг ҳаётимизда эзилишларга йўл қўяди. Худо ҳеч қачон қаҳр-ғазаб орқали бизни эзишга интилмайди. У бизни ниҳоятда севгани учун ҳаётимизга аралашади, бизни бефарқликда қолиб, гуноҳларга ботиб, ўжарлик билан ўз ҳаётимизда Унинг иродасини бажармаётганимизга тинчгина қараб тура олмайди. Худованд чин дилдан бизни шунчалик севдики, бизнинг асло ўзгармаётганимизни бефарқлик билан кузатмайди. Севги Худовандни бизни ўзгартиришга, тавба қилдиришга, руҳан етук инсонларга айланиб, тана, руҳ ва қалб ҳақида ўйланишимизга ёрдам беради. Худованд бизни шунчалик севадики, У биз билан яқин мулоқот қилишга интилади. Биз Худони рад қилиб, Унга қарши чиқар эканмиз, бундай яқин мулоқотнинг имкони бўлмайди. Худо бизнинг ҳаётимиздаги барча гуноҳларни йўқ қилишни хоҳлайди. У интиқлик билан бизни мулоқотда ва фаол руҳий хизматда бўлишимизни истайди. Севги Худога бизни тарбиялашни ва бизни жазолашни мажбур қилади, токи биз Унинг ердаги иродасини бажаришимиз учун руҳан поклана олайлик. ТАРБИЯ ЁКИ ЖАЗО Ҳар қандай жазони биз кўпинча қасос сифатида қабул қилиб, хатога йўл қўямиз. Шунинг учун жазо қандай мақсадда қўлланилаётганини тўғри тушунишимиз керак. Тарбия ва жазо – бу икки турлича тушунча. Жазо қасос сифатида фақатгина имонсизларга нисбатан қўлланилади. Бу Худо ғазабининг зоҳир бўлишидир. Кимки Худонинг ғазабидан гуноҳкорни тўсиш қобилиятига эга бўлган яккаю ягона Қўзини рад этса, ана ўша имонсиз Худонинг ғазабига учрайди. Гуноҳ қаерда учрашидан қатъий назар, муқаддаслик ва поклик Худони унга қарши курашишга мажбур қилади. Худо ҳар қандай бинонинг қоронғу бурчакларини ёритувчи порлоқ нур каби ҳаракат қилади. Худованд гуноҳга чидаб тура олмайди. Худованднинг ҳузури бор жойда гуноҳ бўлмаслиги керак. Имонсиз одам - бу шундай одамки, у Исо Масиҳ қонини инкор этади, Масиҳ хочда келтирган қурбонлигини у қабул қилмайди. Бинобарин, бундай одамнинг гуноҳини Худонинг муқаддаслигидан ажратиб турувчи ҳеч қандай ҳимоя тўсиғи бўлмайди. Имонсиз одам ниҳоятда мушкул ҳолатда туради – у Худонинг қаҳри олдида ожиз. Тарбиялаш мақсадида жазолаш – бу Хулр шундай усул ёрдамида имонлини ўргатади. Худо имонлини етаклаб юриб, тўлиғича Масиҳ сингари бўлишда қандай одатлар, қарашлар ва ишонч-эътиқодлар халақит беришини кўрсатади, барча иллатларни бартараф этишни ўргатади ва имонга олиб келади. Бундай жазо таълим берувчи восита ҳисобланиб, ушбу восита ёрдамида Худо бизни тўлақонли ва руҳан етук инсонларга айлантиради. Худонинг ушбу усули Муқаддас Руҳ бошчилигида руҳий хизматга таёргарланишда ёрдам беради. Қасос олиш – бу Худо ғазабининг оқибатидир. Унинг сўнгги натижаси йўқотиш ва Худодан ажралиш бўлади. Масалан, Қоҳон уруғидан бўлган Кўрах Худога қарши исён кўтарганлари учун қаттиқ жазоландилар. Ер ёрилиб, уларнинг оила аъзоларини, Кўрахнинг ҳамма шерикларини, мол-мулки билан ютиб юборди. Бу Исроил учун аломат эди (қаранг: Рақамлар 16-боб). Тарбиялаш мақсадида қўлланиладиган жазо Худонинг севгисига асосланган. У инсонларни ўзгаришга, улғайишга ва ривожланишга етаклайди. Масалан, Худо олдинига Марямдан ғазабланиб, уни мохов касаллигига чалинишига йўл қўйди, сўнгра унга шифо берди. Мохов касаллиги орқали Марям жазоланди ва бундай жазо аёл учун катта сабоқ бўлди, чунки аёл Мусони ноҳақ айблаган эди (қаранг: Рақамлар 12-боб). Худо бизни жуда севади. Ҳар биримиз Унинг тимсолини гавдалантиришимизга ва том маънода, Масиҳ Танасининг ердаги бир қисми бўлишимизга У умид қилади. Биз учун жазо янгиланиш воситаси ҳисобланади. Темирни занг ва ифлосдан тозалаганлари сингари, Худо ҳам бизни ўсишимизга ҳалақит қилувчи гуноҳ ва нопокликни биздан олиб ташлайди. Худонинг покловчи севгиси кумуш ва олтинни тозалаш жараёнидаги оловга ўхшаб таъсир қилиши ҳақида пайғамбарлар бир неча бор айтганлар (қаранг: Ишаё 48:10; Мал. 3:3; Зак. 13:9). ХУДО БИЗНИНГ РУҲИМИЗНИ ЭГИШНИ ИСТАМАЙДИ Худонинг мақсади – бизнинг руҳимизни эгиш эмас. Руҳи эгилган инсон тўлақонли шахс ҳисобланмайди, у руҳан етук бўла олмайди. Худованд бундай одамга Ўз хизматини ишониб топшира олмайди. Йўқ. Худо бизнинг руҳимизни эгишни хоҳламайди. У қайсар иродамизни синдиришни истайди. Худованд буни, бизнинг ҳаётимизда Унинг иродаси ғалаба қозониши учун шундай қилади. Худонинг иродаси эса доимо барчани марҳаматга олиб келади. Болаларнинг ниҳоятда худбин бўлиб туғилиши ҳар бир ота-онага маълум. Фарзандларимизнинг энг яхши кўрган икки сўзи – бу “Меники!” ва “Йўқ!” Бу икки сўз боланинг манманлиги ва ўз ҳаётини ўзи мустақил бошқаришга интилишидан далолат беради. Бироқ яхши ота-оналар шунга ўхшаш ўжарлик ва манманликнинг энг юқори даражаси ҳисобланмиш худбинлигига қарши курашиш кераклигини биладилар, токи фарзанд нафақат ўз ота-онасининг, балки ҳар қандай ҳокимиятнинг, шу жумладан, Худонинг ҳокимлигига ҳам бўйсунадиган бўлсин. Боланинг қайсарлигини унинг руҳини эгиш учун енгиб ўтиш керак эмас, аксинча, фарзанд етук, мукаммал, қонун-қоидага амал қилиб бўйсунадиган, камтар ва меҳрибон эр ёки хотин, суюкли ота-она, дўст, Масиҳ Танасининг фуқароси ва аъзоси бўлиб етишиши учун унга ёрдам қўрсатиш лозим. Манманлик ва худбинликни акс эттириб турувчи бола, қайсар ва ўжар, баъзида эса қотиллик ҳаракатларига мойил бўлиб ўсади. Бундай одамнинг ёнида бўлиш катта хавф туғдиради. Бундайлар севгини қабул қилишдан ёки муҳаббат улашиш қобилиятидан мутлақо узоқдирлар. Боланинг манманлиги ва худбинлиги ўз вақтида бартараф қилинмаса, хурсанд бўлиш, севиш қобилияти ёки қониқиш ҳисси унда асло шаклланмайди. Ота-оналар фарзандларидаги худбинларча манманликни ва онгли равишдаги бўйсунмасликни бартараф этишга ҳаракат қилганлари сингари, Худо ҳам биздаги гердайиш ва такаббурликни эгишга интилади, чунки шундай иллатлар биз Масиҳга ўхшаб севувчи ва сахий инсонлар бўлишимизга ҳалақит беради. БИЗГА ЗАРАР ЕТКАЗИШ ХУДОГА ЁҚИМАЙДИ Худо руҳимизни синдиришга интилмайди. Бизга азоб етказиш Унга ёқмайди. Наҳотки азоб-уқубатлар бизнинг ҳаётимизга нисбатан Худонинг режаси бўлса? Йўқ! Бизга оғриқли ва нохуш туюлган ҳолатларни юз беришига Худо бизнинг ҳаётимизда йўл қўйиши мумкин. Бироқ шундай шарт-шароитлар воситасида, яъни ёрдамида биз ўз ҳаётимизни Яратувчига тўлиқ бағишлашни хоҳлашимизга Худованд бизни етаклайди. Бундан қуйидагича савол келиб чиқади: масиҳий маълум бир шароитларнинг бегуноҳ қурбони бўлиши мумкинми? Ҳа, баъзида. Бошқа одамлар масиҳийларга тан жароҳати ва руҳий изтироблар етказган тақдирдагина, улар маълум бир шароитнинг қурбонлари бўлиши мумкин. Бироқ Худо шундай оғриқли шарт-шароитларни маълум бир мақсадда йўл қўяётганини биз тўғри тушунишимиз лозим. Биз ўзимизни қурбон ҳолатида кўрганимизда, ўткинчи ҳаёт билан яшай бошлаймиз ва шахсий азоб-уқубат гирдобига чўмамиз. Агар Худо бизни яхши кўришини ва танҳо Унга маълум бўлган келажакдаги хизматга бизни тайёрлашини кўрсак, биз ўткинчи азоб-уқубатларни енгишга ва олдинга қараб ҳаракат қилишга куч топамиз. Худо - олий ҳокимият эгаси. У нимани хоҳласа, шуни тўхтатишга қодир. Лекин Худо инсон иродасига қарши чиқмайди. Агар бизнинг яқинларимиз ёвузликка юз тутсалар, уларнинг ёвузликлари туфайли биз азоб чекишимиз мумкин. Масалан, бир ичувчи ароқхўрнинг масъулиятсизлиги ва тартибсизлиги туфайли унинг бутун оиласи жафо тортади. Худо бундан хабардор. Бироқ У бизни севади ва шунга ўхшаш ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришга қодир. Эсимда, менга ноҳақлик ва адолатсизлик бўлиб кўринган ҳолатдан болалигимда кўп азоб чекканман. Мен эндигина тўққиз ойга тўлганимда, отам вафот этган. Онам кун бўйи ишда бўлгани сабабли, болалигим ёлғизликда ўтган. Кейин онам яна турмушга чиқди, лекин унинг иккинчи эри онамни нафақат ҳақорат қиларди, балки онамга қўшиб мени ҳам дўппосларди. Шунга қарамасдан, мен ҳеч қачон ўзимни бегуноҳ қурбон ҳисобламас эдим. Мен Худонинг суюкли бандаси эканимга жуда ишонардим. Бир кун келиб менинг тортган барча азоб-уқубатларим, албатта мен учун марҳаматга айланишига ишончим комил эди. Худонинг қандайдир мақсади бор, ана шу мақсадга эришиш учун У шундай ҳолатларнинг юз беришига йўл қўяди. Бундай мақсад нафақат менга, балки мен қачонлардир ёрдам беришим мумкин бўлган барча инсонларга ҳам тааллуқлидир. Агар биз Римликларга Мактубда (8:28) ёзилганларга ишонадиган бўлсак, демак, бу ҳолат ҳаётимиздаги барча вазиятларга чиндан ҳам тегишли эканига ҳам ишонишимиз керак: “Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз хохиши бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади”. Биз ҳеч қачон Худонинг маҳоратларини, ҳаттоки ёқимсиз, энг ёмон ҳолатларни эзгуликка, ижобий ва фойдали вазиятларга айлантиришида Уни чеклаб қўймаслигимиз керак. Мен ортда қолган болалигимга назар ташлар эканман, Худо менинг ёлғизлигимни ўзимга ўхшаган ёлғизларга, ҳасталарга ва ночор қолганларга ёрдам беришим ва уларга хизмат қилишим учун қўллаганини кўраман. Мен ўшандайларга баралла овоз билан шундай дея оламан: “Худо менга ёрдам берган экан, У албатта сизларга ҳам ёрдам бера олади. Худо менинг дардларимга шифо берган экан, У сизларнинг ҳам дардингизга малҳам бўлади”. Ёшлигимда бошимга тушган нохушлик ва азоб-уқубатлар мени чиниқтириб саботли қилди, оиламдаги мусибатларни енгиб ўтишимга ёрдам берди. Шунингдек, улар мени оғир дамларни бошидан кечираётган бошқа кишиларга ачиниб, ёрдам беришга ўргатди. Майли, ўшанда ниҳоятда қийналган бўлсам ҳам, ўша давр ҳақидаги хотиралар нохуш ва аянчли бўлса ҳам, мен шуни қатъий айтишим мумкинки, буларнинг ҳаммаси мен учун ҳам, шунингдек, бошқалар учун ҳам, эзгулик бўлди. Яқиндагина бизнинг “In Touch Ministries” миссиямизга қамоқхонада узоқ муддатни ўтаб, эндигина қайтган бир маҳбусдан хат келди. У ўспирин бўла туриб, наркотик моддаларга берилиб кетгани учун жазога тортилган экан. Унинг ёзишича, у қамоқхонада руҳий уйғонишни бошидан кечирибди, ҳозирда эса ўзининг аччиқ тажрибасини ўзига ўхшаган болаларга – ўспирин-ёшларга нисбатан қўллаб, тенгдошлари томонидан ўтказилаётган тазйиқни енгишга ва наркотиклардан қутулишга ёрдам бераётган экан. Бу одам шундай ҳолатга тушиб қолгани учун ота-онасини ёки қўни-қўшниларини айбламади. У ўзи ўсиб-улғайган ўша аянчли муҳитни қораламади. Аксинча, у ўзининг хулқи-атвори учун шахсий жавобгарликни ҳис қилиб, ўша вазиятга тушган бошқа одамларга ёрдам беришга интилди. У шундай деб ёзади: “Худо ҳаммасини билиб турганини мен кўрдим. Мен наркотиклар ва худбинлик уммонига ботганимда, У мени ёлғиз қолдирмади. Мени хибсга олишларига ва ҳукм қилишларига Худо ижозат берди. Агар бундай ҳолат юз бермаганида эди, мен аллақачон ўлиб кетган бўлар эдим. Худо мени қамоқхонада асради. У мени Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни сўзлаб берган одамлар билан учратди. Озодликка чиққанимдан кейин Худо мени жамоатга олиб келди ва бошқаларга Масиҳ ҳақида сўзлашимга, У ҳар бир ўспирин дуч келган тўсиқларни қандай енгиб ўтиш ҳақида гапиришимга менга имкон берди. Биз қандай қийинчиликларни бошимиздан кечирмайлик, Худо ҳаммасидан хабардор эканини, Худо бизни севишини ва Худо доимо ҳаракатда эканини билишимиз керак. Биз билан нималар юз бераётганига, эҳтимол, биз масъул эмасдирмиз. Қилаётган ҳаракатимизга ҳам жавобгар эмасмиз. Биз ўзимиздан ўзимиз шундай деб сўрашимиз лозим: “Бу оғриқни қандай енгишимиз мумкин? Қандай қилиб уни ўз фойдамга хизмат қилдиришимиз мумкин?” Кунларнинг бирида олдимга бир эркак келиб деди: “Мен бир қиз билан учрашиб юрибман, бу қиз борган сари менга ниҳоятда ёқишини ҳис қиляпман. Аммо бир куни учрашув пайтида қиз унинг номусини поймол қилганларини сўзлаб берди. Кейин мен у билан келажакда ҳақиқатдан ҳам турмуш қурадиган бўлсам, мен ҳали у ҳақда кўп нарсаларни билишим кераклигини қўшиб қўйди”. Мен унга шундай маслаҳат бердим: “Ўзаро муносабатларингни давом эттириб ривожлантиришдан олдин, сиз бу аёлга яхши бир руҳшунос топишга ёрдам беришингиз керак, токи аёл ўз ўтмишини унута олсин. Акс ҳолда сиз боши берк кўчага кириб қолиб, у ердан чиқиб кетишингиз жуда қийин бўлади”. У менинг маслаҳатларимга қулоқ тутди. Бу аёл ниҳоятда қийинчилик билан ўзини қурбон сифатида ҳис қилишга чек қўйди. Қандайдир маънода у қурбон ролига кириб кетгандай бўлди ва унинг ўтмишидан хабардор бўлган одамларнинг унга очилишларидан таскин топаётгандай эди. Шундай қилиб аёл унинг келажагини ва бугунини тўлиқ қоронғу булутга қоплаган ўтмиши билан яшар эди. Ўтмишдаги учрашувда унинг номусининг поймол бўлиш ҳолати, ҳозирда ўзини қандай кўриши билан белгилана бошлади. Агар бугунги кунда сиз ўтмишнинг соясида яшаётган бўлсангиз, - нажот топишдаги сизнинг тажрибангиздан ташқари, - сиз имкони борича меҳнат қилишингиз лозим. Эҳтимол, сиз ҳозиргача ўзингизни бошқалар хафа қилишига йўл қўяётгандирсиз, озодликка чиқишга ва Худонинг севгиси билан шифо топишга интилмаётгандирсиз. Сиз ўзингизни қурбон сифатида ҳис қилаётган экансиз, сиз Худонинг марҳаматига эриша олмайсиз. Охир-оқибатда бу аёл шундай дея олди: “Мен яшашни давом эттиришим керак. Бошқатдан тўлақонли шахс бўлишимга менга ҳалақит бераётган барча тўсиқлардан Худонинг ёрдамида қандай ўтишим мумкинлигини мен тушунишим лозим”. НИМАЛАР ЮЗ БЕРАЁТГАНИНИ СИЗ ЧИНДАН ҲАМ БИЛАСИЗМИ? Эҳтимол, қуйидагича саволлар сизга маълум бўлса керак: “Мен билан нималар содир бўлаётганини Худо биладими?”, “Менинг азобланишим Худони хавотирга соладими?” Аммо, сиз ўзингизга беришингиз лозим бўлган, сиз учун янада қизиқроқ ва фойдалироқ бўлган бошқа саволлар ҳам бор: o Мен билан нималар юз бераётганини ўзим биламанми? o Худо ҳаётимда нималар қилаётгани, мени ташвишга солаяптими? Худо сиз учун нималарни ҳозирлаб қўйганини У билади. Сиз улар ҳақида биласизми? Худованд сизнинг ҳаётингизда нималар қилаётганини тушунасизми? Ўтмишимиз биз учун аниқ ва тушунарли бўлганда, баъзида биз бунга ретроспектив тарзда, яъни ўтмишга қаратилган назар билан қараймиз. Мен ўз ҳаётимга назар ташлаганимда, Худо мени қандай қилиб ўзгартирганини аниқ кўраман. Мен руҳан тушган, эзилган ва дилхаста эдим. Ҳаммангиз сингари азоб чекиш ва оғриқни ҳис қилишдан мен лаззат олмас эдим. Аммо бир нарсани мен қатъий айта оламан: Худо нималарни амалга оширган бўлса, мен Ундан миннатдорман. Унинг болға зарбасининг ҳар бир ўрни ва қалбимдаги Унинг тиғидан қолган чандиқ, ҳар бир томчи кўз ёш ва ҳар бир доғ, ҳар бир ҳафсаланинг пир бўлиши ва ҳар бир кўнгил қолиш, мен тўлиқ Худога тегишли эканимни ҳис қила олишимдан дарак бериб туради. Худо сизнинг ҳаётингизда амалга ошираётган ишларни очиб беришини Ундан сўранг. Сиз оғир аҳволга тушиб мусибатлар чекканингизда, У сиз учун ва сиз орқали нималар қилишни ўйлаганини Ундан сўранг. Худо сизда нималарни қилаётганини ҳисобга олган ҳолда, ўз муаммоларингизга назар ташланг. Мен сизга қуйидагича саволни берсам бўладими: “Абадиятда Худо сиз учун ҳозирлаб қўйган ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, ҳаётингизда мустақил бирор нарсага эришишга тайёрмисиз?” Ишончим комилки, сиз ижобий жавоб бера олмайсиз. Ахир бу ўткинчи оламда Худонинг беқиёс ҳузур-ҳаловатидан ўзга ҳеч нарса йўқ. Сизнинг ҳаётингиз борасида Худонинг қимматбаҳо буюк мақсадларига ҳеч нарса тенг кела олмайди. С НОВОЙ СТРАНИЦЫ 3 – боб НИМА УЧУН БИЗ АЗОБ ТОРТАМИЗ Ёшгина бир йигит кунларнинг бирида менга деди: -Мен масиҳийликни қабул қилганимга икки йил бўлди, ўшандан бери менинг ҳаётим кескин ўзгарди. Ўтган ҳафтада мен жума куни ибодатга кетаётиб ўйладим: ”Буни қаранг-а, агар икки йил олдин кимдир мени жума кунлари ибодатга боришимни, Худони улуғлаб, ҳар куни Унга ҳамду саноларни куйлашимни менга айтганида, бу одам жинни бўлиб қолган, деб ўйлаган бўлардим”. – Кейин жиддий оҳангда қўшиб қўйди: - Лекин баъзида ўзимга шундай саволни бераман: Раббийга юз тутишдан олдин нима учун мен шунча қийинчиликлардан ўтишимга тўғри келди? Мен ўтакетган алкоголик - ароқхўр бўлганман. Мен одамларни севиб, бошқа нарсалардан фойдаланиш ўрнига, одамлардан фойдаланиб қолган нарсаларни севардим. Қонун-қоидага амал қилиш масаласида доимо муаммога дуч келардим. Маст ҳолда машинани бошқараётиб, автоҳалокатнинг сабабчиси бўлдим ва менинг касофатим туфайли бир инсон ҳаётдан кўз юмишига сал қолди. Минг афсус, Худо мени олдинроқ қутқармаган-да! Мен унга шундай жавоб қилдим: -Эҳтимол, янги ҳаёт бошлашингдан олдин сенда нимадир ўлиши керак бўлган. У бирозгина ўйланиб турди-да, сўнг деди: -Ҳа, балки сиз ҳақдирсиз. Мен “яхши ҳаёт” деб аталмиш турмуш тарзидан воз кечганимга икки ярим йил бўлди. Шунгача менга ўз ҳаётим зўрдай туюларди. Ўтмишдаги ҳаётим қанчалик даҳшатли ва қабиҳ эканини эндигина тушуняпман. Инсон Худо томонидан белгилаб берилган тўлақонли ҳаётда яшаш учун олдинига ўз ҳаётини мустақил бошқаришни, назорат қилишга интилишни, яъни шахсий режа ва мақсадларга кўра иш тутишни ўзида ўлдириши керак. ЯНГИ ҲАЁТ БОШЛАНИШИ УЧУН НИМАДИР ЎЛИШИ КЕРАК Муқаддас Китобнинг одамни тор-мор бўлишига бағишланган муҳим парчаларидан бири - бу Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабардадир (12:24-25). Исо шогирдларини Ўзининг хочга тортилишига ва юксалишига тайёрлар экан, уларга шундай дейди: “Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигигача қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради” (12:24). Сиз донни қўлингизда тутиб тураркансиз, у билар ҳеч нарса содир бўлмайди. Сиз бу донни омборга, ёки хона деразасининг устига, ёки ҳаттоки шиша банка остига қўйиб бир умр сақланг – дон донлигича қолаверади. У ҳеч қандай фойда келтирмайди ва охир оқибатда чирийди ва кулга айланади. Бироқ агар сиз донни ерга ташласангиз, сиз уни яна нобуд қилган бўласиз, бироқ бу сафар янгитдан ҳаёт яратиш мақсадида шундай йўл тутасиз. Тупроқдаги озиқ моддалар, қуёш тафти ва ердаги намлик – буларнинг ҳаммаси доннинг ташқи қобиғига таъсир кўрсатади. Тез орада қобиғ шишиб ёрилади ва уруғдан яшил ниш отади. Янги ҳаёт белгиси бўлган ниш тупроққа қадалиб, қуёшга интилади. Майса томир отади ва илдиз ерга борган сари мустаҳкамланиб бораверади. Кўк нишнинг илдизлари мустаҳкамланиб ўсиб боргани сари, уруғ йўқ бўлиб кетаверади. Пировардида уруғ маккажуҳори сўтасига ёки буғдой бошоғига айланади. Маккажўхори сўтасида, худди буғдой бошоғида сингари, ўнлаб янги дон уруғлари пайдо бўлади, ҳар бир дон бошоғидан яна янги майсалар ўсиб чиқаверади. Агар униб чиққан дон яна қайтадан ерга сочилаверса, ҳар бир дона буғдой уруғидан юзлаб гектар буғдой далалари барпо қилиш мумкин. Исо, уруғ ерга экилиб унинг ўсишига шароит яратилмаса, ундан ҳеч қандай хосил олиб бўлмайди, деб таълим беради. Албатта, Исо бу тимсол ёрдамида Ўз ўлими ва юксалиши ҳақида гапирган. У бу дунёда яшаган, баъзи-бир одамлар Ундан шифо топганлар, кўплаб инсонлар Унинг мўъжизаларини кўрганлар. Кимлардир Масиҳнинг ваъзи туфайли Худога юз тутганлар. Бироқ Исо тирик бўлиб, ўлгунга қадар, бутун дунёнинг гуноҳлари кечирилмади. Унинг ҳаёти давом этиши, хосил бериши ва бу ҳосил унумли бўлиши учун, Исонинг ўлишига тўғри келди. У ўлди ва тирилди ва Унинг ҳаёти узоқ асрлар давомида миллион марта кўпайган унумли хосил берди. Исони ўзининг Нажоткори деб билиб, одамлар гуноҳларининг кечирилишига муяссар бўлганлар, эндиликда Қўзи Ҳаётининг Китобига ёзилганлар. У ўлишни истагани учун, бунинг имкони бўлди. Ҳозирда ўз хочларимизни кўтариб юришимиз учун Раббий ҳар биримизни даъват этмоқда: ўзимиз учун ўлиб, Худода яшашда ва Унинг мақсадларига етишишда ўзимизни Унга бағишлашимиз даркор. Исо шогирдлари билан суҳбатини давом эттирар экан, шундай дейди: “Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонини аямаса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади” (Юҳанно 12:25). Шахсий хоҳиш, ҳавас, нафсоният, режа ва мақсадларимиз йўлида бизда қурбон бўлиш майли мавжуд бўлиши керак. Раббий Исо Масиҳ бизда ва биз орқали ҳаракат қила олишига биз интилишимиз лозим. Фақат ўшанда, биз ҳаётни унинг тўлиғича таниб-билган бўламиз. Ана шундагина биз ўз вазифамизни тўлиқ адо этган бўламиз. Ҳақиқийлик ва абадийлик пайдо бўлиши учун биздаги заминийлик ўлиши керак! Агар Худонинг севгиси бизни қамраб олишини ва тўлдиришини истасак, биз бошимизни эгиб, ҳаддан ортиқ иззат-нафсимизни жиловлашимиз керак. Бундай фикрни Муқаддас Ёзувдан олинган яна бир нечта парчалар тасдиқлайди: агар биз ўз орзу-истакларимизга кўра ҳаракат қиладиган бўлсак, биз кўп нарсани бой берамиз. Агар биз ўз ҳаётимизни бошқаришни Худога ишониб топширсак ва йўлимизни шу зайлда давом эттирсак, биз албатта ғалабага эришамиз. “Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини йўқотган эса жон топади” (Матто 10:39). “Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин. Ким ўз жонини аямоқчи бўлса, уни йўқотади. Лекин ким Мен учун жонини йўқотса, жон топади. Агар инсон бутун дунёни эгалласа-ю, ўз жонига зарар етказса, бундан қандай наф кўради? Ёки инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топар экан?” (Матто 16:24-26). Эҳтимол, кимдир шундай савол бериши мумкин: “Нима учун Худо тирилиш учун, биринчи ўлишни талаб қилади?” Худонинг донолиги фақатгина Худонинг Ўзига аёндир. Аммо биз бу тамойилни Унинг барча яратганларида қандай амалда қўлланилаётганини кузатишимиз мумкин. Кимдир узум бошларини эзгани учун ҳам биз узум шарбатини ичамиз. Кимдир буғдойни унга айлантиргани туфайлигина, бизнинг ҳар доим егулик нонимиз бор. Худо бизнинг ўз манфаатини ўйлайдпиган иродамизни буккани учунгина, биз тўлақонли ҳаётдан мамнун бўламиз. ХУДОНИНГ ЎЗИ БИЗНИНГ КЕЛАЖАГИМИЗНИ БЕЛГИЛАШНИ ИСТАЙДИ Узоқ йиллар давридаги хизматим давомида мен, Раббийга ўз ҳаётини бўйсундириш жараёни ёшларда оғирроқ кечишига амин бўлдим. Улар олдинга боқадилар ва келажак уларнинг кўз ўнгида улкан муваффақиятларга эришиш уммонидай намоён бўлади. Шайтон уларга, келажак айнан шу одам билан узвий боғланмасдан, жинсий алоқа қилмасдан, айнан шу нарсага эга бўлмасдан муваффақиятли кечмайди, деб ишонтиради. Ва ёшлар, шайтон жалб қилаётган жойга, яъни “ажойиб ҳаёт” деб аталадиган тасвирга қараб интилишни бошлайдилар. Ўзингиз тушунганингиздек, у ерда Худога ўрин йўқ. Иблис тавсия қилган жойга интилиш натижасида, инсонда манфаатпарастлик руҳи пайдо бўлади. Баъзида манфаатпарастлик ва таъмагирлик ҳар қандай одам учун чидаб бўлмайдиган оғир юкка айланади. Бундай вазиятда одамда – олдинда нимадир янги нарса бор, уша нарсари олиш, ишлаб топиш ва орттириш керак деган очлик белгиси бўлади. Манфаатпарастлик – бу худбинликнинг намоён бўлишидир. “Мен” ўзига керак бўлган нарсани талаб этади. Одам ўз манфаатини кўзлаб иш тутганда, бошқалар билан нима юз бериши мумкинлиги ҳақида асло ўйламайди. У ҳаттоки тана ва қалби билан нима бўлишини мутлақо ўйламайди. Манфаатпарастлик – бу бошқариб бўлмайдиган ҳавасдир, бундай ҳолат охир оқибатда одамни ўзига қул қилиб олади. Сизнинг ҳаётингизга бойлик, маъно ва обрў-эътибор олиб келиши ҳақидаги иблиснинг таклифларини ҳаммаси – бу хом хаёллардир. Бундай хом хаёллар саҳродаги пуч хаёлларга ўхшайди. Сиз ана шу пуч хаёллар томон бор кучингиз билан югуришга ёки эмаклаб-чирмашиб чиқишга ҳаракат қилишингиз мумкин, бироқ сиз ҳеч қачон ўз мақсадингизга эриша олмайсиз. Сизнинг фикрингизга кўра, сизга ёрдам бериши мумкин бўлган нарса аслида сизни нобуд қилади. Наҳотки яхши нарсаларга эга бўлиш истаги остида бирор ёмон нарса ётса? Биз ўзимизнинг яқинларимизга энг зўр совғани тақдим қилишни хоҳлашимиз наҳотки шармандалик ҳисобланса? Муваффақиятга интилиш – наҳотки гуноҳ бўлса? Йўқ! Одам бу нарсаларсиз яшай олмай қолганида, муаммо пайдо бўлади. Инсон Худо билан яқин мулоқотга киришиш ўрнига, эътиборини нарсаларни сотиб олишга ва мансаб поғоналаридан юқори кўтарилишга қаратганда, муаммолар келиб чиқади. Биз ўз мақсадларимизга эришишга эътиборимизни қаратганимизда, Худо бизнинг олдимизга қўйган мақсадларни назардан четда қолдирамиз. Худо билан муносабатларимизни фақатгина биринчи ўринга қўйганимиздагина, бизни ҳақиқатдан ҳам қондириши мумкин бўлган нарсаларга эришишимизга Худо ёрдам беради. Кунларнинг бирида ёшгина бир йигит билан суҳбатлашишимга тўғри келди. У севган қизи билан аразлашиб қолганидан ниҳоятда хафа эди. Йигит қизни жонидан ҳам ортиқ севарди ва бутун ҳаётини айнан у қиз билан боғлашни орзу қиларди. Қиз уни ташлаб, бошқа йигитга эргашиб кетганда, ошиқ йигит тушкунликда қолди. Гапнинг орасида, йигитнинг барча ҳаётий режалари қизнинг хоҳиш-истаклари атрофида айланганини у тан олди – қизга яқинроқ бўлиш мақсадида у яшаш жойини ўзгартирди, қизнинг маслаҳатига биноан иш жойини алмаштирди, қизнинг жамоатига қатнай бошлади ва қизнинг истагига кўра, бошқача кийинишни бошлади. Тез орада қиз унга тазйиқ ўтказаётганини йигит ҳис қилди. Мен йигитдан сўрадим: “Кўчиб ўтишни ва иш жойини алмаштиришни сенга Худо маслаҳат бердими?” Йигит, у ўз режалари ҳақида Раббий билан гаплашишни ўйлаб ҳам кўрмаганини тан олди. Шунда мен, агар у нормал ҳаётга қайтишни хоҳласа, шу заҳотиёқ Худо билан мулоқот қилишни бошлашини маслаҳат бердим. “Худо сенга учун нималарни исташини Ундан сўра”, - дедим мен. Шундан кейин бу йигитни мен узоқ вақт кўрмадим. Кейинги сафар учрашганимизда эса, унинг чиройлигина хотини ва олти ойлик чақалоғи бор эди. У менга шундай деди: “Пастор Стенли, мен Худонинг Каломи бўйича яшашни бошлаганимдан сўнг кўп нарса ўзгарди. Мен она шаҳримга қайтдим ва Худо кўрсатган жойда ишлай бошладим. Рафиқамни бутун ҳаётим давомида бориб юрган жамоатда учратдим. Мен колледжда ўқишимни давом эттиргунимга қадар хотиним оила аъзолари билан бизнинг шаҳримизга кўчиб келишди. Раббийнинг Ўзи бизни бирлаштирди, биз доимо Унинг марҳаматловчи қўлини ҳис қиляпмиз. Ҳаётдаги орзу-умидларимиз уники билан бир хил”. Шайтон бизнинг келажакдаги ҳаётимиз учун нималар кераклиги ҳақидаги ўз тасаввурларини бизга сингдирмоқчи бўлади. Бироқ буларнинг ҳаммаси – алдов. Унинг режаларига одамларни марҳаматлаш кирмайди. Аксинча, шайтон одамларни азият чекишга дучор қилмоқчи бўлади. Агар ҳаётимизда биз бирор нимасиз яшай олмаслигимиз мумкинлигини ҳис қилсак, демак, бу биз учун аломатдир. Худо билан ўзаро муносабатларимизни қайта кўриб чиқиб, ўз қарашларимизни тўғри белгилай олишимиз керак. Исо қуйидагича таълим беради: “Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Мажусийлар ҳадеб буларнинг ғамида юришади. Лекин самовий Отангиз сиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку! Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади” (Матто 6:31-33). Сиз нимага муҳтожлигингизни Худо яхши билади. Сиз учун нима яхшилигини, шунингдек, “шу яхши нарса” сизга қанча миқдорда кераклигини ҳам У билади. Ахир, кам бўлганда, биз уни етказишга ўрганиб қолганмиз. Биз нимасиз яшай олмайдиган нарса бу – Худо билан мулоқотдир. Биринчи навбатда, бизга Худо керак. Худо шундай Зотки, биз Усиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Бизнинг порлоқ келажагимиз учун “албатта эга бўлишимиз” керак бўлган нарсалар ҳақидаги шайтоннинг берган маслаҳатлари аслида вақтинчалик ҳолат, яъни ўткинчи. Агар биз ҳар қандай йўл билан бирор нимага эга бўлиш истагини қолдириб Худога юз тутадиган бўлсак, шунда Раббий бизнинг барча эҳтиёжларимизни энг аъло тарзда тўлдиради. Агар биз мустақил тарзда ўзимиз учун бахтли келажакни белгилашни бас қилсак, биз ҳаттоки тасаввур қила олмайдиган ва ҳеч қандай восита ёрдамида эриша олмайдиган порлоқ келажак билан бизни Худованд таъминлайди. Унинг энг яхшиси бизники бўлади. Аммо бундай ҳолат фақатгина биз ўз эркимиздан воз кечиб, ўз ҳаётимизни тўлиқ Худога бағишлаганимиздагина юз бериши мумкин. БИЗНИНГ МАҚСАДЛАРИМИЗНИ ХУДОНИНГ ЎЗИ БЕЛГИЛАШНИ ХОҲЛАЙДИ Кунларнинг бирида шу мавзуга бағишланган воизлигимдан сўнг ёнимга бир қиз келди ва сўради: “Наҳотки олдимизга мақсад қўйишимиз – бу ёмон иш бўлса? Сиз олдиндан ҳеч нарсани режалаштирмай, ҳаммасини Худога топшириб, фақатгина бугун билан яшашга бизни даъват этаяпсизми?” Инсон ўз олдига бирор мақсадни қўйса, бунинг ёмон жойи йўқ. Бироқ биз Худо билан маслаҳатлашмай туриб, олдиндаги мақсадларимизни ўзимиз белгилашимиз ёмон ҳисобланади. Бирор нимани режалаштиришдан олдин биз доимо чин дилдан ибодат қилишимиз керак: “Эй Худованд, нималар қилишим кераклигини менга очиб бер!” Бизнинг ибодатимиз Исонинг Гефсимания боғидаги ибодатига ўхшаши керак: “Эй Отам!... Лекин Мен истагандек эмас, Сен истагандек бўлсин” (Матто 26:39). БИЗ – МАСИҲНИНГ ИЖОДИМИЗ Биз ўз зафарларимиз ва муваффақиятларимиз учун кимдан қарздормиз? Сиз ким бўлганингиз ва нималарда муваффақиятга эришганингиз учун айнан мен масъулман деб ҳисоблайсизми? Ёки Худо сизда яшаб, Ўзининг мақсадларига эришиши учун сизнинг ҳаётингизни шундай ўзгартириб юборишига ишонасизми? Бу турлича икки нуқтаи назар. Тақдиримиз ўз қўлимизда эканига ишонганимизда, биз азоб-уқубатларни қабул қила олмаймиз. Доно одам, Худо бизни ҳаётимиздаги ҳақ-ҳуқуқларга одилона даъво қилаётганини, таън олади. Худо Ўзи хоҳлаган тарзда Ўзини биз орқали – сўзларимиз, кўзларимиз, қўлларимиз ва оёқларимиз, фикр ва ҳис-туйғуларимиз орқали намоён қилиш кучига ҳам, ҳокимиятга ҳам эгадир. Биз, замонавий масиҳийлар, ўзимизда Худонинг тимсолини нафақат намоён қилишга даъват этилганмиз, балки Унинг ҳаёти бизда тўлиқ намоён бўлиши учун яшашга ҳам даъват этилганмиз. Муқаддас Китобда, биз Исо Масиҳни Қутқарувчи сифатида тан олишимиз биланоқ, биз ўзимизга қарашли бўлмай қоламиз ва ўз келажагимизни белгилай олмаймиз, деб ёзилган. Ҳаворий Павлус шундай ёзади: “Ҳа, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин. Биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни Исо Масиҳ орқали хайрли ишлар қилишимиз учун яратди, бу ишларни эса биз учун азалданоқ тайёр қилиб қўйди” (Эфесликларга 2:8-10). Сиз ўз нажотингизга сазовор бўлмаганингиз сингари, сизни баъзида қуршаб турувчи шон-шуҳратга ҳам асло сазовор эмас эдингиз. Сиз – бошидан то охиригача Худонинг ижодисиз. Худо сизларни етаклаб, эзгу ишларни бажаришга даъват этади. Сизнинг иқтидорингиз ва истеъдодингиз, сизнинг билимингиз ва малакангиз, хуллас, Худо сизни нималарни бажаришга марҳаматлаган бўлса, шу ишларни сиз У билан ва У учун бажаришингиз лозим. Мен яшаб ўтган умримга назар ташлар эканман, Худо мени бир ҳодисадан иккинчисига етаклаганига, кейинги қадамни дадил қўйишга менга ёрдам берганига ҳайратланишдан тўхтамайман. Худованд мени ҳар доим шундай жой ва вазиятларга ташлар эдики, у ерда мен Унга фойда келтиришим учун У мени тобора такомиллаштириб, ўстириб борарди. Ўспиринлик пайтимда кун кечириш учун мен газеталар сотар эдим. Бир куни кечқурун мен газета сотаётган муюлишда дўстларимдан бири Джулиан мен билан суҳбатлашиш учун тўхтади. Мен ўз режаларим билан уни таништирдим. Менимча, ўшанда мени Худованд воиз бўлишга даъват этаётгандай туюлар эди. Шунинг учун мен унга айтдим: “Биласанми, мен колледжда ўқишим керак, аммо ўқиш учун менинг пулим йўқ”. Биз жуда ҳам яқин дўст эмас эдик, оддийгина у ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Шу вақт бизнинг ёнимиздан жамоатимиз пастори ўтиб кетаётган эди. Тўсатдан Джулиан уни чақирди: “Жаноб Хэммок, Чарлз, Раббий уни воиз бўлишга чорлаёпти деб ҳисоблайди. Уни колледжга ўқишга киришига сиз ёрдам бера оласизми?” Пастор Хэммок шундай деди: “Ёрдам бера оламан, деб ўйлайман. Эртага Чарлз жамоатга борганда, олдимга кирсин”. Кейинги куни мен пасторнинг қабулхонасига кирдим. Бу учрашув ҳаётимдаги ажойиб, эсда қоларли воқеалардан бирига айланди. Шаҳримиздан уч юз километрча нарида жойлашган Ричмонд университетида тўрт йил таҳсил олдим. Шу йиллар давомида пастор Хэммон стипендия олишимни таъминлаб турди. Ўша куни Джулиан билан учрашиб қолиб, ўз режаларим ҳақида унга айтишим тасодифмиди? Пастор Хэммокнинг ўша пайтда олдимиздан ўтиб кетиши, Джулианнинг уни тўхтатиб гаплашиши ҳам тасодифмиди? Ўйлайманки, йўқ. Худо менга номаълум бўлган Ўз йўллари орқали ҳаракат қилган. Худо нафақат бизнинг дирижёримиз, балки У – бизнинг композиторимиз ҳам. Исо Масиҳ бизнинг ҳаётимиз муаллифи ва У ҳаётимизни камолга етказувчидир (Ибронийларга 12:2). Биз қайсарлик билан ўз ҳикоямизни ёзишга интилар эканмиз, Худо Ўз иноятини юрагимизнинг лавҳаларига ёза олмайди. Биз ўжарлик билан ўз йўлимиздан борар эканмиз, У бизни Ўзининг солиҳ йўлидан олиб бора олмайди. Биз қатъият билан ўз ҳаётимизни бошқарар эканмиз, У ҳеч қачон бизнинг Шоҳимиз ва Раббимиз бўла олмайди. Биз ўз орзу-истакларимизнинг бажарилишини кутар эканмиз, У бизни муваффақиятга, самарага ва марҳаматга олиб кела олмагани сингари, У Ўз хоҳиш-истакларини бизга очиб беролмайди. Биз ўз тақдиримизни ўзимиз бошқараётганимизни ҳис қилар эканмиз, Худо биз учун белгилаб берган тўлақонли ҳаётни ҳис қила олмаймиз. Биз – Унинг ижодимиз. Биз агар ўзимизча ҳаракат қилсак, бизнинг Худо билан ўртамиздаги муносабатларимиз дарз кетади ва ўз ҳаётимизни Раббийга тўлиқ бўйсундиришдан бош тортамиз. С НОВОЙ СТРАНИЦЫ 4 – боб АЗОБЛАРНИНГ МАЗМУНИНИ ТУШУНИШ ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚЛАР Азоб – Худо иродасининг бир қисми эканини тушуниш йўлида бир нечта тўсиқлар мавжуд. Масиҳийча ҳаёт – бу бизнинг ягона бажаришимиз керак бўлган нарса, деган фикр асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Агар бирор кимсадан биз масиҳийга таъриф беришини илтимос қилгудек бўлсак, одатда биз қуйидагича жавобни эшитишимиз мумкин: “Масиҳий-бу шундай одамки, у мунтазам равишда жамоатга боради, у ерда Худога ҳамду санолар куйлайди, ибодат қилади, қурбонликлар келтиради, Муқаддас Китобни ўқийди ва ўз эътиқоди ҳақида бошқаларга сўзлайди”. Турли одамларда, сўзсиз, бундай рўйхат турлича бўлади. Кимлардир: “У спиртли ичимликлар ичмагани, чекмагани ва уришиб сўкинмагани учун ҳам масиҳий ҳисобланади”, деб айтадилар. Бошқалар эса масиҳийларга шундай таъриф берадилар: “Бундайлар безори йигитлар билан санғиб юрмагани ва кечалари тунги клубларда дайдимагани учун ҳам масиҳий ҳисобланади”. Бироқ масиҳийча ҳаёт бизнинг қилаётган ишларимиз билан белгиланмайди. Масиҳийча ҳаёт Исо Масиҳ хочда биз учун нима қилгани, шунингдек, Уни ўзимизнинг Қутқарувчимиз деб тан олиб, биз ким эканимиз билан белгиланади. Шундай қилиб, масиҳийча ҳаёт Муқаддас Руҳнинг бошчилиги ва Унинг кучи туфайли биз ким бўлганимиз билан белгиланади. Албатта, одам Масиҳга қанчалик кўп ўхшаса, унинг ҳаёти шунчалик кўп ўзгаради. Унинг янги ҳаётида қандайдир одатларга ва ножўя ҳаракатларга ўрин қолмайди. Имонлида масиҳнинг тўлиқ ҳаёти албатта хизматда, Худони улуғлашда ва Унга шукроналар айтишда намоён бўлади. Ҳақиқий имонли қуйидагича саволни бермаслиги керак: “Мен масиҳий эканимни қолганлар тушуниши учун қандай йўл тутишим керак?” Ҳақиқий масиҳий Худонинг севгисига жавоб беради ва барча вазиятларда агар унинг ўрнида Масиҳ бўлганда қандай йўл тутадиган бўлса, айнан шундай ҳаракат қилади. БИРИНЧИ ТЎСИҚ: ЎЗИГА КЕРАГИДАН ОРТИҚ ДАРАЖАДА ИШОНИШ Синовлар даврида сиз дуч келишингиз мумкин бўлган энг катта муаммо – бу масиҳий бўлиш ва масиҳийча ҳаёт кечириш нима эканини тўғри англаш. Масиҳий учун энг муҳими – қандайдир ишларни бажариш эмас, балки Исо Масиҳ билан мулоқот қилишдир. Ишлар – бу Унинг ташвиши. Исо аста-секин бизни Ўзига ўхшатиб, янгилаш билан машғул бўлади. У бир шахсдаги ҳам муаллиф, ҳам муҳаррир. Бизнинг ҳаётимиз тўлиқ Унинг иродасига мос келиши учун Унинг Ўзи бизнинг ҳаётимизни ўзгартиради. Сиз гуноҳкор табиатингизни ўзингиз ўзгартира олмайсиз. Эрталаб ойнага қараб туриб сиз: “Бугун мен ўзимни барча гуноҳлардан поклайман ва менинг ҳаётим тўлиқ ўзгаради”, деб айта олмайсиз. Бунинг асло иложи йўқ. Кўпчилик ўзини руҳан ўзгартиришга интилади, аммо уларнинг ҳаммаси бир хил хулосага келадилар: “Бундай қилиш ўзимнинг қўлимдан келмас экан”. Фақат Исо Масиҳ одамни поклаб, унинг юрагини ўзгартиришга қодир. Фақатгина Худо бизга юборган Муқаддас Руҳгина тўғри қарор қабул қилишни ўргатиши мумкин, юракларимизни юмшатишга ва биз тўғри йўл танлай олишимиз учун онгимизни ёритишга қодир. Биз – лой, У эса – кулол эканини доимо ёдимизда тутишимиз даркор. ИККИНЧИ ТЎСИҚ: ИНЪОМЛАР ВА ҚОБИЛИЯТЛАР Азоб-уқубатларда марҳаматга эришиш йўлидаги яна бир тўсиқ – бу бизнинг инъомлар ва қобилиятларимиздир. Албатта, бу қарама-қаршиликка ўхшаб кўриниши мумкин, аммо иқтидорлигимиз бизга уларни тўлиқ намойиш қилишга ҳалақит бериши мумкин, балки янада янгиларини ўзлаштиришимизга тўсиқ бўлиб хизмат қилиши мумкин. Кўпинча кимга инъомлар ва қобилиятлар ортиқ даражада берилган бўлса, шундайлар Худо томонидан юборилган синовларни ниҳоятда қийналиб бошларидан ўтказадилар. Айнан қобилиятли ва иқтидорли одамлар кўп ҳолатларда иззатталаб ва шуҳратпараст бўладилар, ўзларига жуда ишонадилар. Агар яхшилаб қаралса, айнан қобилиятли шахслар бошқа одамлардан кўпроқ афзалликларга эгалар. Муаммо нъомлар ва қобилиятлар эга бўлишгандан эмас, гап шундаки, одам ўзининг фақат қобилиятига тўлиқ ишонадиган бўлиб қолади. Худо бизга берган қобилият ва иқтидорларимизга ишонганимизда, биз кўп нарсаларни унутиб қўямиз ёки назардан четда қолдирамиз. Раббий Ўзининг ҳузури билан уларни кўпайтириши тушимизга ҳам кирмайди, бу Унинг биз билан бирлашишини ҳис қилиш имкониятидан ўзимизни маҳрум қиламиз. Бори билан рози бўладиганлар, чиндан ҳам муҳтож бўлган нарсаларни Худодан камдан-кам сўраб, мурожаат қиладилар. Улар нималардан маҳрум бўлаётганликларини англамайдилар. Худо улардан қандай фойдаланиши мумкинлигини ўзлари кўрмайдилар. Улар ўзларининг ҳаётига нисбатан мавжуд бўлган Худонинг иродасини тушунмайдилар. Улар марҳаматларнинг ёнидан ўтиб кетаётганликларини англаб етмайдилар. Узоқ йиллик пасторлик тажрибам мени шунга ишонтирдики, кўпинча айнан кимнинг қобилиятлари ёки пуллари кўп бўлса, ана шундайлар ўз ҳаётларини мустақил равишда бошқаришга интиладилар. Бундай одамлар иқтидор ёки пулларидан ажралиб қолишлари мумкин, деб ҳисоблайдилар ва шунинг учун ҳам бойликларини имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, бунинг учун улар ўз қобилият ва бойликларини ҳаммадан, ҳаттоки ўзларидан ҳам беркитишга тайёрдирлар. Бироқ иқтидорли шахслар бир нарсани тушунмайдилар. Одам ўзини Худога топширганда, у ҳеч нима йўқотмайди. Ихтиёрий равишда бериш ҳеч қачон бизни бойликларимиздан маҳрум қилмайди. Худо бизни Ўз қўлларида қуролга айлантиришининг буюк сири қуйидагича оддий принципдан иборат: “Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади – яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйин-қўнжингизга тўкилади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, худди шундай ўлчов билан сизларга ҳам татбиқ этилади” (Луқо 6:38). Ушбу оятда фақатгина молиявий ёки моддий маблағлар ҳақида сўз бормайди, балки одам нимага эга бўлса, ҳаммаси ҳақида гапирилаяпти. Биз Худога нимани берсак, У бизга ортиғи билан қайтаради. Ва биз берганимизни ортиғи билан олганимиздан кейин, тинчлик-хотиржамликка эга бўламиз ва қониқиш ҳис қиламиз. У бизга шунчалик мўл-кўл берадики, ҳаттоки биз ҳеч қачон Ундан қарзимизни уза олмаймиз. Биз шунингдек, Раббий бошқаргани сингари ўз ҳаётимизни оқилона бошқара олмаймиз. У бизни яратган, шунинг учун ҳам ҳаётда қандай етаклашни ва имкон қадар мукаммалликка эришишга ёрдам беришни фақатгина У билади. Биз нималарга қодир эканимизни, ўзимизнинг имкониятларимизни қандай тўлиқ намоён қилишимизнинг ҳаммасини билади. Кўпинча, ҳаётимизда пайдо бўлувчи имкониятларга қараб туриб, биз шундай деймиз: “Мен қандай йўл тутишни билмайман. Нимани танлашни ва энди қаёққа боришни билмайман”. Бироқ Худо ҳаммасини билади. У фақатгина биз нималарга қодир эканимизни эмас, ҳаттоки ўзимиз билмаган ўз иқтидоримизни, қобилият ва лаёқатларимизни қандай қилиб янада ёрқинроқ намоён эта олишимизни яхши билади. Қобилиятли одамнинг бошига оғир кунлар тушганда ёки у азоб-уқубатга дучор бўлганда, кўпинча ўзининг ҳолатини ўз кучи билан тўғрилашга ҳаракат қилади. Бироқ донолик билан Худога мурожаат қилиб, ўзининг заифлигини тан олиши лозим: “Эй Худованд, менинг билмаганларимнинг барчаси Ўзингга аён. Мен ўзимни Сенинг қўлларингга топшираман. Мен ва менинг қобилиятларим билан Ўзинг истаганингни қилгин”. УЧИНЧИ ТЎСИҚ: УМИД ҚИЛИШНИНГ СОХТА МЎЛЖАЛИ Худо бизни ўзгартираётганда, У бизнинг ҳаётимизнинг барча жабҳаларини Ўз иродасига бўйсундиришга интилади. Бунга етишиш учун, Унинг иродасига тўлиқ бўйсунишимизга бизга ҳалақит берувчи, Унга тўлақонли ишонишимизга тўсиқ бўлувчи барча салбий иллатларни олиб ташлайди. Худонинг иродаси шундаки, токи биз ҳар битта нарсада Унга ишонайлик. Агар биз, ҳаттоки, бирор нарсада ўзимизга таянадиган бўлсак, демак биз Худога тўлиғича ишонмаймиз. Биз умидимизни боғлайдиган нарса бошқа бўлса – хоҳ у онгли ёки онгсиз равишда бўлсин, у Худо ва бизнинг ўртамиздаги тўсиқ, ғов қаршиликка айланади. Агар биз Муқаддас Китобдаги лой ва кулол тимсолларига солиштирадиган бўлсак, умид ва ишончнинг сохта мўлжаллари лойдаги тош, ёки дейлик, тайёр хум идишдаги бўртиб чиққан бўшлиқ, нуқсонга айланади, бундай камчиликлар туфайли ушбу лой билан ишлаб бўлмайди. Одатда биз нималарга умид боғлаймиз? Шахсий кучимизга Биринчидан, биз ўзимизга ишонишга қарор қиламиз. Биз эркинликка интилиш билан туғиламиз. Бизларнинг кўпчилигимиз ўз қалбимизнинг саҳифаларида қуйидагича сўзларни аллақачон битганмиз: “Худога ўрин йўқ”. Бошқалар эса Раббийга шундай дейдилар: “Худойим, мана Сенга ҳаётимнинг бир қисми – майли, ҳаётимнинг тўқсон беш фоизи Сеники, - у ерда нима хоҳласанг, ҳаммасини қилишинг мумкин. Бироқ ҳаётимнинг қолган беш фоизини мен ҳар эҳтимолга қарши ўзим учун сақлаб қоламан”. Биз кунглимиз тусаган жойга боришни истаймиз, ўзимизга ёққан нарсани сотиб оламиз, ўзимизга нимани муносиб кўрсак, шундай ҳаракат қиламиз, дўстлаша олган инсонларни ўзимизга дўст деб биламиз. Бошқача қилиб айтганда, биз қаерда ва қандай хоҳласак, ана шундай ва ўша ерда яшаймиз. Бироқ, Худо бизга, агар биз Худонинг кучи, донолиги ва севгисига тўлақонли эга бўлмоқчи бўлсак, биз ўзимизни Унга тўлиқ, ҳеч қандай йўлларни қидирмай ва ўзимизга ҳеч нарса қолдирмай, тамомила ишониб топширишимиз кераклигини айтаяпти. Бойлик Иккинчидан, биз пулларимизга ва бошқа моддий бойликларга ишонамиз. Мен бой-бадавлат бир одамни билардим. У кунларнинг бирида ҳазил оҳангда шундай деди: “Агар менинг банкдаги ҳисобимда ўттиз минг доллардан кам пул қолгудек бўлса, ўзимни камбағал деб ҳисоблайман”. У ўзининг пулларига ишонар эди. У ўз бизнеси билан шуғулланишга жуда кўп вақт ажратар эди, оиласи ва жамоатдаги дўстларига эса кам вақт қоларди. Бироқ у ўз ишларига қанчалик кўп вақт ажратишга интилишига қарамай, унинг тўғри қарор қабул қилиши ниҳоятда оғир кечарди. Ва тез орада бир неча муваффақиятсиз инвестициялар уни тамомила хонавайрон қилди. Узоқ йиллар давомида таҳқирланавергач, ҳақоратланган хотин ёлғизликдан чарчаб, уни ташлаб кетиб қолди. Бор бисотидан ажралган эр бир хонали уйда ёлғиз ўзи қолди. У бор кучи билан ўз бойлигини қайтаришга интилар эди, лекин Худо уни марҳаматламас эди. Ва ниҳоят у: “Эй Худойим, мен Сеникиман. Мен Сенга суянаман. Бутун умрим давомида мен фақат ўз пулларимга ишониб келган эдим. Энди эса мен Сенга ишонаман”, деб айтгандан кейин, унинг ишлари юришиб кетди. Бундай синов орқали Худо унинг ҳаёти учун қанча маблағ керак бўлса, шунча ишлаб топишни ўргатди. Лекин бу одамнинг ҳаётидаги энг катта мўъжиза – бу эркакнинг ўз бойлиги ҳақида бошқа қайғурмай қолиши бўлди. У энди пулга боғлиқ эмас. Ташқи қиёфа Баъзи одамлар ўзларининг ташқи кўринишларига ва ташқи кўринишлари бошқаларда яхши таассурот қолдиришига ишонадилар. Улар, ташқи кўринишлари уларга ҳамма нарсада ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар. Мен бир аёлни билардим, аёл бутун ҳаёти давомида чиройли, гўзал бўлишга интилар эди. Ҳаттоки қариган чоғида ҳам унинг кўриниши жозибадор ва мафтункор эди. Ён-атрофдагиларда яхши таассурот қолдириш – аёл учун энг муҳим машғулот бўлган. Бироқ етмиш ёшга кирганда, у қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Касаллик борган сари зўрайиб, унинг ташқи кўриниши энди ҳеч кимни қизиқтирмаётганини аёл тушунди. Аёлда ташқи қиёфа ўрнига, шу вақтга қадар, ҳаттоки унинг энг яқин одамлари ҳис этишмаган ички гўзаллиги намоён бўлади. Аёлнинг ташқи қиёфаси сўлиб борарди, руҳи эса самовий гўзаллик ила порлай бошлайди. Кампир барча одамлар учун марҳамат манбаи бўлиб қолди, чунки ким унинг ёнига келса, у ҳаммага унинг ҳаётида ҳаракат қилаётган ва уни тўлдириб тоширган Худонинг марҳаматини улашарди. Аёл кексайгач, тинч руҳ ва қалбида хотиржамлик билан жон берди. Ўлимидан бирозгина олдин у деди: “Энди мен бошқа дунёга кетишга тайёрман!” Азоб-уқубат аёлга марҳамат келтирди ва бу имоннинг яққол кўриниши бўлди. Мувоффақиятлар ва обрў эътибор Баъзи одамлар ҳамма нарсада ўзларининг ютуқ ва ўтмишдаги қилган хизматларига таянадилар. Улар, уларнинг обрў-эътибори ҳаётнинг барча жабҳаларида уларга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар. Бир неча йил олдин мен ниҳоятда такаббур ва гердайган бир одамни учратдим. У ўзининг нопоклиги ва ёлғончилиги билан одамлар орасида шуҳрат қозонган эди. Бу одамнинг бошқалар билан қандай сўзлашганини эшитганимда, Худо менинг қалбимга деди: “Шу одам учун ибодат қил!” Ростини айтсам, мен бу ҳақда ўйламаган эдим, чунки бу одам менга асло ёқмас эди. Бир қанча вақт ўтгач, мен яна у билан учрашиб қолдим. Бу гал у мени бирга тушлик қилишга таклиф этди. Мен истаб-истамай розилик билдирдим. У хушмуомала, босиқ суҳбатдош бўлиб кўринди. Мен уни танимадим, олдин мен билган одамдан асар ҳам қолмаган эди. У менга ўз тарихини сўзлаб берди. У қачонлардир бир компания ташкил қилган экан. Ана шу компания мустаҳкамланиб шуҳрат қозонгач, айрим сабабларга кўра уни ноҳақ ишдан бўшатишибди. Унинг сабр косаси тўлиб тошибди. Аммо шу заҳотиёқ у Худога юз тутибди. У ўзининг заифлигини тан олиб, ҳаммасини Худога топширибди. У ҳалигача ишсиз эди, аммо унинг табиати, феъл-атвори тамомила ўзгарган эди. Бўлиб ўтган суҳбатимиздан сўнг эшитишимга қараганда, у икки шериги билан янги компания тузибди. Бу сафар у ҳамма ишларни Худонинг севгиси ва у билан бирга хизмат қилаётган касбдошларига бўлган ҳурмат руҳида амалга оширибди. Ҳар гал биз ўзимизнинг шон-шуҳратимизга ва обрў-эътиборимизга таянганимизда, биз ўзимизни хавф остига қўямиз. Бугун ва келажагимизни тўлиқ Худонинг режасига топшириш ўрнига, биз ўзимизнинг ўткинчи эришган муваффақиятларимизга суянамиз. ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚ: ҲАЁТИМИЗНИ ЎЗИМИЗ БОШҚАРИШНИ ҚЎЛДАН БЕРМАСЛИК Ҳаётингизнинг қайси соҳасини сиз Худодан беркитишга интиласиз? Ниманинг устидан назоратни сақлаб қолмоқчи бўласиз? Қалбингизнинг қайси бурчагига сиз Худони таклиф қилишни хоҳламайсиз? Менинг танишларимдан баъзилари Худога шундай соҳалар ҳақида гапирадилар ва уларнинг устидан назорат қилишни Худога ишониб топшира олмасликларини ҳаттоки тан оладилар, аммо бундан нарига ўта олмайдилар. Улар шундай деб ўзларини оқлайдилар: “Ахир, ҳеч ким мукаммал эмас-ку!” Улар яна шундай фикр юритадилар: узоқ йиллар давомида мен буни енга олмаган эканман, демак, Раббий мени шундай қилиб яратган. Аслида эса, улар ҳаётларининг бу соҳаси устидаги назоратни Худога топширишни хоҳламайдилар. Мен бир одамни биламан. У узоқ йиллар давомида кунига икки пачкадан сигарет чекар эди. Чекиш соғлиққа зарарли эканини у жуда яхши билар эди. Аммо мен унга ибодат қилиб, Худо унинг иродасини мустаҳкамлашини сўрашини маслаҳат берганимда, у бош чайқади: “Йўқ! Биласизми, менимча, бу билан Худонинг иши йўқ. Чекишни ташлайманми ёки йўқми – буни менинг ўзим ҳал этишим керак бўлган соҳа”. Кейинчалик бу одамга шифокорлар ёмон ташхис – ўпка эмфиземаси (ўпкада ҳавонинг тўпланиб қолиши) қўйишганида, у мени чақиртирди ва у учун ибодат қилишимни сўради. Узоқ йиллар давомида ҳомиладор бўлишга интилган бир аёлни ҳам билардим. Унинг эри хотинини даволатиш учун мутахассисларга минглаб долларларни сарфлади, бепуштлар учун мўлжалланган машҳур ва донғи чиққан шифохоналарга олиб борди. Кунларнинг бирида мен уларга нисбатан Худонинг иродасини қандай эканини улар сўраб-суриштиргани билан қизиқдим. Аёл кулиб юборди ва деди: “Худо билан бу ҳақда гаплашишдан қўрқаман. Эҳтимол, У бизнинг болаларимиз бўлишини хоҳламаётган бўлса-чи!?” Ҳар биримизнинг ҳаётимизда шундай жабҳалар борки, биз бор кучимиз билан уларнинг устидан назоратни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Бироқ айнан ўша ерга Худо кириб боришга ҳаракат қилади. Қолаверса, айнан биз асраб-авайлаётган соҳамиз устида Худованд иш олиб боради, токи биз тўлиқ Унга содиқ бўлишимиз учун. Худонинг хоҳиш-иродаси, биз тўлиқ ва тамомила Унга тобеъ бўлишимиз кераклигидадир. Уни фақатгина тўлақонли мутеълик қаноатлантиради. Мен мамлакатнинг кунботиш томонига йўл олиб, унинг кенгликлари бўйлаб саёҳат қилишни яхши кўраман. Салқин кечаларда чодирда ётиш, мўъжизавий табиатни ёки овни суратга олиш ниҳоятда ёқади. Мен тоғларимизнинг ва яйловларимизнинг мафтункор гўзаллигини севаман. Кўпинча мен саёҳатга чиқмоқчи бўлганимда, сайр қилиш учун эгарланган отни ижарага оламан. Баъзида ювош от тўғри келади, у мени нима демоқчи бўлганимни тушунгандай, сўзсиз итоат этади. Бундай от дарҳол бўйсунади, баъзида сизнинг биргина сўзингиз орқали сизнинг нима хоҳлаётганингизни билади. Бироқ мен жуда қайсар отларда ҳам юришимга тўғри келган! Мен от жиловини қаттиқ тортардим, узанги билан нуқирдим, бақириб, қамчи билан урардим, аммо от қайсарлик қиларди. Бундай отлар миниб ўргатилади, лекин ўйлашимча, етарлича даражада эмас. Ана шундай отларнинг дастидан баъзида мен оғир аҳволга тушиб қолардим. Улар тепаликдан учиб тушарди, тор йўлаклардан юргиси келмасди. Ишонинг, бундай вазиятларда ювош, яхши ўргатилган от керак. Отни ўргатиш вақтида нима юз беради? Кенг тарқалган фикрларга қарши ўлароқ, ҳеч ким отни синдирмоқчи ёки бартараф қилмоқчи эмас. Яхши ўргатилган от кучли, ғайратли, ақлли ва идроклигича қолади. Агар унга эрк берилса, у бажонудил сакраб чопади. Ўргатилган от фақат бир нарсани йўқотади – ўзининг эркинлигини, ҳар қандай бошқа пайтда эса от ҳар доим чавандознинг гапига киради. Худди шундай жараённи Худонинг фарзанди ҳам бошидан кечиради, Худо унинг руҳини эгмоқчи эмас. Биз Масиҳга юз тутганимизда, ҳаётга бўлган қизиқишимизни йўқотмаймиз. Ўзимизни шахсиятимизни ҳам йўқотмаймиз. Биз мустақил қарор қабул қилишни йўқотамиз холос. Биз Раббий ва Қутқарувчи деб атаган Зотга ҳар доим итоаткор бўлишимиз учун, бизнинг эркимиз Самовий Отанинг иродасига бўйсуниши керак. Биз, албатта, шахсий фикрларимизда туришимиз мумкин. Масиҳни Қутқарувчимиз деб тан олишимиздан олдин ҳам, кейин ҳам Худо бизни эркимиздан маҳрум қилмайди. Худо бизга нима дейишига ва У бизни қаерга етаклашига эътибор қилмасдан, биз “ўзимизни эгишимиз” мумкин! Аммо яхши ўргатилмаган қайсар от сингари, Худонинг иродасига бўйсунмаган ҳолда ўзбошимчалик билан иш тутганимизда, биз ўзимизни хавф остига қўямиз. Ёлғон ва гуноҳкорона адашиб юрганимизнинг оқибатида, биз салбий ҳодисаларни бошимиздан кечиришимизни Худо хоҳламайди. Худонинг қаршисида таслим бўлиш – бу бизнинг эркимиз тўлиқ Худонинг иродасига бўйсунади; бунда биз Унинг амрини эшитиб, У билан тортишмаймиз; бунда биз ўзимизни оқлашга Унинг сўзларини таҳлил қилишга интилмаймиз, аксинча, Муқаддас Руҳ овози бизни қаерга етакласа, ўша ерга индамай бораверамиз. Бундай итоат этишнинг натижаси – бу нафақат ҳозирда, балки келажакда ҳам Худонинг марҳаматларига эришишга олиб келади. БЕШИНЧИ ТЎСИҚ: БИЗНИНГ “МЕН”ИМИЗ Худо бизнинг ҳаётимизда азоблар ва қийналишларга йўл қўйганида, У бизнинг манманлигимизни ва худбинлигимизни, ўз манфаатларимизни кўзлашимизни ва ўзимизга бино қўйишимизни, хуллас бизнинг “мен”имиз ҳамма нарсада бизда қолдираётган доғни ва эркинликка интилишимизни енгишга ҳаракат қилади. Кимлар учундир “мен” ижтимоий ҳуқуқни – ҳокимиятни, жамиятдаги юқори ўринни, обрў-эътиборни гавдалантиради. Кимлар учундир “мен” ақлий фаолиятни намоён этувчи ёки дўстларни топишга ва атрофдагиларга таъсир кўрсатишга ёрдам берувчи хусусиятлар ҳисобланади. Яна кимлар учундир “мен” доимо ташқи кўриниш ёки соғлиқ – чирой, жисмоний форма, ғайрат билан боғлиқ бўлади. Қолаверса, кимлар учундир “мен” моддий бойлик, яхши яшаш жойи ва обрў-эътибор билан чамбарчасдир. Ўзимиз ҳақимиздаги бизнинг тасаввуримиз - биз қанчалик Худога ишонишимизга ва ўз ҳаётимизни Унга қанчалик бўйсундиришимиз ҳақидаги тасаввурларни очиб беради. “Мен қачон ўзимга ёқаман? Мен қачон ўзимдан нафратланаман?” – деган саволларни ўзингизга беринг. Агар сочингизни нотўғри бўяб қўйишса, ишингизда муаммолар туғилса ёки бебаҳо нарсаларингизнинг йўқолиши сизни тўлиқ фалаж қилиб қўйган бўлса... Агар сиз ўз турмуш ўртоғингиздан ёки рафиқангиздан яхши гапларни эшитишингиз кераклигини ҳис қилсангиз, ўзингизнинг баҳоингизни ҳис қилиш учун молиявий эркинликка интилсангиз... Маълум ижтимоий даражага етгунга қадар, қандайдир имтиёз ва енгилликка ёки эришган муваффақиятларингиз бошқалар томонидан тан олингунга қадар сиз ўзингизни “ҳеч ким”, деб ҳисобласангиз... унда сиз Худо билан ўз муносабатларингизни қайта кўриб чиқишингиз лозим. Бизнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввурларимиз тўлиқ ва тамомила Худонинг севгисига ва Унинг тушунчаси бўйича қимматга ва ҳурматга сазовор бўлишга асосланишини У хоҳлайди. Худодан кўра бошқа нарсага етишишга шиддатли интилишимиз қанчалик кучлироқ бўлса, азоб-уқубат даври шунчалик оғриқли кечади. Баъзида Худонинг Ўзига эмас, балки биздаги ўзимизга бўлган кучли ишончни, ҳис-туйғуни Худо биздан таг-томири билан узиб олмоқчи бўлгандай туюлади. Ва бу жараён жуда оғриқли кечиши мумкин. Азоб-уқубатлар, қийинчиликлар ва ғам-ташвишлар ниҳоятда аянчли ҳис этилади. Қандайдир соҳаларда Худо бизни аямасдан қийинчиликларга дуч қилганда, табиийки, биз ўша нарсага янада маҳкамроқ ёпишиб олишга интиламиз. Аслида, Худога нимани беришимиз кераклигини биз биламиз. Баъзида Худо бизни қандай синовлардан ўтказиши ҳақида одамлар билан бўлиб ўтган кўплаб суҳбатларда мен доим шундай сўзларни эшитаман: “Менинг ҳатти-ҳаракатларим Худонинг иродасига қарши эканини билганман, аммо мен барибир ўз билганимча яшайверар эдим”. Бу ҳис-туйғу интуитив, қайсидир даражада онгсиз равишда бўлиши мумкин, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам одамлар ўз ҳаётларининг қайсидир қатламига Худони олиб кирмаётганликларини биладилар. Нега биз шундай йўл тутамиз? Чунки ҳаётимизнинг барча жабҳаларини биз ўзимиз назорат қилишни истаймиз. Бу эса манманликнинг очиқдан-очиқ кўринишидир. Худо Ўз севгисига қарамасдан, бизга ёрдам бера олмаслигидан , илтимосларимизни бажармаслигидан, қониқиш ҳиссини бизга бермаслигидан қўрқамиз. Ҳаётимизда нимадир етишмаслигидан, қандайдир яхшиликлардан айрилиб қолишдан, ажойиб туйғуларни ҳеч қачон ҳис қила олмаслигимиздан биз ҳадиксираймиз. Ўзингиздан чинакамига сўранг: “Худо мени қанчалик севади?” Бир куни бу саволни бир таниш аёлга бердим. Унинг умр йўлдоши узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этган эди, шунинг учун у ниҳоятда Худодан хафа эди. Ва ниҳоят у деди: -Мен бениҳоят Худога муҳтож бўлганимда, У мени ташлаб кетди. Худо ҳеч қачон бизни қолдирмаслигига мен уни ишонтирдим. Худо ҳар доим биз билан бирга. Унинг муаммоси, гўёки Худо уни тарк этганида эмаслигини мен билар эдим. Гап шундаки, аёл бошига кулфат тушганда Худога эмас, одамларга мурожаат қилган. Худо уни ташлаб қўймади, аёл Худони тарк этди. Аммо мен унга бу ҳақда тўғридан-тўғри гапирмадим – чунки аёл менинг гапларимни қабул қила олмас эди. Мен ундан сўрадим: -Сизнингча, Худо сизни қанчалик яхши кўради? У оғир хўрсинди: - Худованд мени умуман севмайди, деб ўйлайман. Агар шундай бўлганда, бутун дунёда Худо севмайдиган ягона аёл сиз бўлсангиз керак, - деб тушунтирдим мен унга. Сўзларим уни ҳайрон қолдирди ва мен гапимни давом эттирдим. -Юҳаннонинг Биринчи мактуби, тўртинчи боб, саккизинчи оятида Худо – севги экани айтилган. Севги – бу Худонинг энг асосий хусусияти ҳисобланади. Ва Худонинг ҳар қандай хусусияти сингари, севгиси ҳам мукаммалдир. Худованднинг табиати ўзгармайди. У бир кишини севадиган бўлса, демак У ҳаммани бир хил севади. -Унда нима юз берди? – деб сўради аёл. – Нега унда менинг умр йўлдошим касалликдан узоқ азоб чекиб, вафот этишига Худо йўл қўйди? Нега энди Худованд мени севса, мени ҳаётимда нохуш воқеа юз берди? -Билмадим, - жавоб бердим мен. – Нима учун Худо бундай қилишини мен билмайман. Аммо шуни аниқ биламанки, У ҳеч қачон сизни ҳам, раҳматли эрингизни ҳам яхши кўришдан тўхтамаган. Менимча, келажакда Худо сизга ёрдам бермаслигидан қўрқиб, сиз ҳозирда Ундан хафа бўляпсиз. Аёл индамайгина бошини қуйи солди ва унинг кўзларидан оқаётган ёшлар юзини ювди. Мен гапимни давом эттирдим: -Худо ҳар доим сизнинг ёнингизда бўлишига сизни ишонтирмоқчиман. Келажакда сиз учун Раббий нимани ҳозирлаб қўйганини мен билмайман, аммо шунга ишончим комилки, Худованд сиздан Унга тўлиқ ишонч хосил қилишингизни хоҳлайди. У ҳаётингизнинг ҳар бир кунида сиз Унга суянишингизни истайди. Агар бизнинг назаримизда, Худо бизни севмаса ёки севса-ю, лекин етарлича даражада бўлмаса, биз Худога ишонмаймиз. Ишонч масаласи – бу аслида, севги масаласи. Ўзингиздан сўранг: • Менга эзгулик бўлиб хизмат қилувчи омиллардан Худо мени маҳрум қиладими? • Худо хоҳлагандек инсон бўлиб етишишимга ёрдам берувчи омилларни У мендан тортиб оладими? • Мен учун хизмат қилаётган руҳий марҳаматларни Худо қайтариб оладими? • Мени йўлга солувчи, мустаҳкамлантирувчи ва руҳлантирувчи омилларни Худо тўсиб қўядими? • Менга қониқиш, тинчлик-хотиржамлик ва шоду хуррамлик келтирувчи ҳисларни Худо мендан беркитиб оладими? • Бутун борлиғимни намойиш этишга менга ёрдам берувчи туйғуларни Худо мендан олиб қўядими? ЙЎҚ! Худо ҳеч қачон ўз фарзандларидан тортиб олмайди. Уни севувчиларни Худо ҳеч қачон йўқ қилмайди. Худо Ўз фарзандларига нималарнидир бериб, бунинг эвазига нималарнидир тортиб олиб ўйнашмайди. Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарда (10:10) Исо шундай дейди: “Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман”. Ҳар доим, ҳар қандай шароитда Худо қандай бўлмасин, бизнинг ҳаётимизда ҳаракат қилади. Худо мақсад қилиб қўйганидек, биз янада яхшироқ бўлишимиз ва муваффақиятга эришишимиз, Унинг истакларини бажаришимиз учун У бизни йўлга солади. У қалбларимизга шундай таъсир кўрсатадики, унда Худога эга бўлиш истаги, Унинг истаклари пайдо бўлади. У бизнинг қалбимизда шундай ҳаракат қиладики, биз нафақат Унинг иродасига етишамиз, балки Унинг иродасини бажаришга интиламиз. Раббий, ҳар гал бизда ниманидир йўқ қилиш кераклигини билганда, бирданига ҳаракат қилади. Токи биз У ўйлагандек, инсонларга айланишимиз лозим. ОЛТИНЧИ ТЎСИҚ: БИЗНИНГ МУНОСАБАТИМИЗ Азоб-уқубатлар бизни нималарга олиб келишини ўзимиз ҳал қиламиз. Азоб-уқубатларга биз аччиқ, адоват ва нафрат билан қараймиз. Вазиятлардан, шарт-шароитлардан нолишимиз мумкин. Азоб-уқубатларимизнинг сабабчиси ва айбдор, деб ҳисоблаган барча одамлардан биз нафратланамиз. Ва кўпчилик шундай йўл тутади ҳам, чунки ҳар биримизда эркин ирода мавжуд. Шундай бўлса-да, марҳаматга йўл Худога юз тутиш орқали боради. Ягона Худо бизга шифо бериб, қайта тиклаши мумкин. Биз Унга бўйсунишни ва Унга ишонишни хоҳлашимизни фақатгина ўзимиз ҳал қиламиз. Азоб-уқубат ҳолатидан Худо бизни шифо топишга етаклайди. Ва биз шифо топганимизда, мукаммалликка эришамиз ва самара келтиришимиз мумкин. Самара келтира бошлаганимизда эса, биз қониқиш, тинчлик ва хурсандчиликни ҳис қиламиз. Исонинг ҳузурига шифо топишга келганларга У шундай дейди: “Эсон-омон бориб, дардингиздан фориғ бўлинглар” (қаранг: Марк 5:34). Биз Худога тўлақонли ишонишимиз керак, гўёки кимдир “тўлиқ ва тамомила”, деб айтгандай. Агар биз Унга тўлақонли ва тамомила ишонсаккина, У бизга шифо беради. С новой страницы 5 – боб ШИФО ТОПИШ НИМА ДЕГАНИ? Одамлар соғлиқ ҳақида гапирганларида, улар ҳар доим тананинг соғлигини назарда тутадилар ва уларнинг гап мавзуси турли касалликлар, тана жароҳатлари ёки ўлим ҳақида боради. Бироқ ҳақиқий соғлиқ тананинг, қалбнинг ва руҳнинг мувофиқлигини назарда тутади. Соғлом, мукаммал одамда ҳаётнинг барча соҳалари ва томонлари бир-бири билан сокин, ҳаётбахш хотима билан уйғунлашган. Худо ҳаётимизда қийинчиликларга йўл қўйганида, У буни бир мақсад билан қилади: У Ўзининг йўқолган тимсолини ва зуҳурини бизда тикламоқчи бўлади, токи мукаммал шахс бўлиб етишишимиз учун биз аввалгидан ҳам яхшироқ бўлишимиз даркор. Ҳаворий Павлус Салоникадаги масиҳийлар учун ибодат қилганда, бу ҳақда шундай деган: “Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай муқаддас қилсин, Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танангиз бенуқсон сақлансин” (1 Салоникаликларга 5:23). Худо бизга бутунликни ва баркамолликни тилашини билган ҳолда, биз ҳар доим Унга ишонишимиз ва суянишимиз мумкин. ШИФО ТОПИШ БИЗНИНГ БУТУН БОРЛИҒИМИЗГА ТААЛЛУҚЛИДИР Мен сиз билан бутунлик тушунчаси билан боғлиқ бўлган асосий тамойиллар ҳақида суҳбатлашмоқчиман. Авваламбор, ҳар бир инсон учта туб моҳият – руҳ, жон ва танадан ташкил топишини биз тушунишимиз керак. Тана – унинг моҳияти шундаки, биз унинг ёрдамида атрофимиздаги олам билан боғланамиз. Бизнинг бешта ҳис қилиш органимиз бор – биз эшитамиз ва кўрамиз, ҳид сезамиз ва пайпаслаб ҳис этамиз, биз таъм сезамиз. Биз жисмоний қобиқда яшаймиз, у моддий дунё билан ҳаракат қилишимизга имкон яратади. Бизда жон – онг, ирода, ҳиссиёт, ақл ва виждон бор. Биз жонимизни кўра олмаймиз, бироқ ҳар бир инсон жони борлигини билади. Жон бизга бошқа одамлар билан ўзаро мулоқот қилишга имкон беради. Биз бошқалар билан мулоқот қилганимизда, ўзимизни идрок қиламиз. Турмушнинг ана шу даражасида биз кимлар биландир мулоқот қиламиз, бошқаларни севамиз, яна кимлардандир меҳр-муҳаббатни қабул қиламиз, кимларгадир ҳавасимиз келади, яна кимлардандир хафа бўлиб, улардан жаҳлимиз чиқади. Бу оламда ўзимизни қандай тутишимизни ва бизнинг атрофимиздаги одамлар билан қандай муносабатда бўлишимизни бизнинг ўзимиз ақл ва идрок билан ҳал этамиз. Бизнинг руҳимиз, яъни ички “мен”имиз ҳам мавжуд. Биз қудратли Худо билан руҳимиз орқали мулоқот қила оламиз. Одам Ато ва Момо Ҳаво Адан боғида яшаганларида, мукаммал танага, мукаммал жонга ва мукаммал руҳга эга бўлганлар. Худованди Карим Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғини парвариш қилиш учун қўйди, улар бир-бирлари ва Худо билан мукаммал уйғунликда яшай бошладилар. Худованди Карим одамга буюриб деди: “Сен Адан боғининг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан” (Ибтидо 2:16-17). Бироқ Одам Ато ва Момо Ҳаво таъқиқланган дарахт мевасидан едилар. Ва улар ўлдилар. Улар Худованднинг гапига кирмаганларида нима ўлди? Тана ўлдими? Йўқ, чунки Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилишгандан кейин ҳам, улар узоқ умр кўрдилар. Эҳтимол, Одам Ато ва Момо Ҳавонинг жонлари ўлгандир? Йўқ, чунки улар бир-бирлари ва фарзандлари билан мулоқот қилишни давом этган эдилар. Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилганларида Худо билан руҳий мулоқот қилиш имкониятидан маҳрум бўлдилар. Ҳаворий Павлус шундай ёзади: “Сизлар бир вақтлар гуноҳ ва жиноятларингиз туфайли руҳан ўлган эдингизлар. Сизлар бу дунёнинг таомилига кўра, фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким – шайтоннинг ихтиёрига қараб яшар эдингизлар. Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда” (Эфесликларга 2:1-2). Бизнинг гуноҳкор ҳолатимиз – бу руҳий ўлим ҳолатидир. Руҳан ўлган одам ғаройиб жисмоний кўрсаткичларга эга бўлиши мумкин, бундан ташқари, ҳаттоки муваффақият билан жони ва танаси ривожланиши ҳам мумкин. Бироқ одам Исо Масиҳ орқали Худо билан ўз муносабатларини тўғри йўлга солмас экан, у руҳан ўлган деб ҳисобланади. Исо Масиҳга ишонган одамгина тўлақонли шахс бўлиш имконига эга. Масиҳ бизнинг руҳимизни тирилтирмагунича, руҳимиз тана ва қалб билан уйғунлаша олмайди. Моддий дунёни тўғри йўлга солувчи соғлом тана ва бошқа одамлар билан мулоқот қилишга имкон берувчи меҳрибон жон бўлсагина, биз тўлақонли шахс бўла олмаймиз. Тўлақонли шахс бўлиш учун биз пок руҳга ва Худо билан тўғри ўзаро муносабатларга эга бўлишимиз керак. Муқаддас Китобда, биз Исо Масиҳни Қутқарувчи деб тан олганимизда, Муқаддас Руҳ бизда истиқомат қилиш учун келади. Муқаддас Руҳ бизнинг руҳимизни Худонинг Руҳи билан бирлаштиради. Бизнинг руҳимиз ҳаёт учун қайта туғилади, чунки Худо – бу ҳаётдир. Муқаддас Руҳ бизда истиқомат қилишни бошлаганда, биз Худони ҳис қила бошлаймиз. Уни тушунамиз ва У билан мулоқот қиламиз. Бундай ўзаро муносабатлар бизга Худо билан суҳбатлашишга ва Унинг айтганларини эшитишга имкон беради. Биз Худо Каломининг янги талқинига етишамиз ва Муқаддас Руҳнинг бошчилигига эга бўламиз. Биз, шунингдек, гуноҳга ҳам янгича муносабатда бўламиз ва Муқаддас Руҳнинг огоҳлантирувчи овозини яхшироқ эшитамиз. Бизнинг руҳимиз янгидан туғилади ва бизда янги руҳий ҳаёт бошланади. Аммо бир муаммо мавжуд. Имонсиз олам Худо билан руҳий ҳаёт ҳақида ҳеч нарса билмайди. Одамлар диний маросимларда иштирок этганларида турмушнинг метафизик аспектлари ҳақида фикр юритганларида, улар гўёки илоҳий ҳаёт кечираётгандай бўлар эдилар. Аммо бу руҳият Худодан эмас. Муқаддас Руҳ томонидан берилмаган ҳар қандай руҳият сохта, шайтонларча руҳиятдир. Қолаверса, аслини олганда, дунё руҳиятни асло ўйламайди. Дунёвий фалсафа жуда содда: “Чиройлими – қўлга кирит! Қулайми – фойдалан! Лаззатлими – маза қилиб тановул қил! Нафисми – роҳатлан! Зўрми – кечаю кундуз тингла!” Дунё шундай ҳис-туйғулар ва эҳтиёжлар билан яшаб келмоқда. Эҳтиёж ҳаммада бўлади. Бизда гўзалликка эҳтиёж бор. Чиройли, гўзал бўлган нарса ҳаммага ёқади – биз гўзалликдан завқланамиз ва гўзал бўлишга интиламиз. Бизда озиқ-овқатга, сувга, жинсий яқинликка ғайри ихтиёрий эҳтиёж бор. Биз жонни ҳам унутмаймиз – биз ниманидир ўрганишни хоҳлаймиз, севишни ва севилишни истаймиз. Биз, шунингдек, мустақилликка, эркин ҳаракат қилишга ва ўзимизнинг дунёқарашимизни ифодалашга интиламиз. Бироқ одам Худо билан мулоқотда бўлмаса, унинг барча истаклари ва эҳтиёжлари унинг шахси атрофида айланаверади. Муқаддас Китоб, эҳтиёжлар зудлик равишда тана “нафси”га, тана ва жон учун яхши кўринган барча нарсага тортувчи кучга айланади, дейди. Бизнинг эҳтиёжларимиз назоратдан четга чиқиб кетади ва биз бугунги кунда жамиятда – сиёсатда, бизнесда, оилада ўзимиз кўриб турган кўплаб муаммоларнинг сабабчиси бўлиб қолади. Муқаддас Руҳ истиқомат қилаётган имонли одамда эса “бошқариш ва назорат қилиш”да янгича тармоқ пайдо бўлади. Унинг барча тана истак ва эҳтиёжлари, унинг барча жон туғёнлари Муқаддас Руҳ томонидан назорат қилина бошланади. Шу тарзда илоҳий тартиб ўрнатилади, бунда руҳ жон устидан, жон эса – тана устидан ҳукмронлик қилади. Бинобарин, Худога бўйсунмаслик - бу илоҳий интизомни бузувчи ва бизнинг шифо топишимизга тўсқинлик қилувчи Унга қарши исён, - бу руҳнинг исёнидир. Тўлақонлик йўлимиздаги барча тўсиқлар – бу илоҳий характерга эга бўлган тўсиқлардир. Уларнинг орасидан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: • ишончсизлик • манманлик • очкўзлик • адоват • ғазаб • ваҳшийлик • қўрқув Худо бизни шифолай олиши учун, ҳаётда тўлақонли бўлишимизга ҳалақит қилувчи соҳаларда биз нималарнидир қилишимиз зарур. Айнан ўша тўсиқлар бизни Худонинг марҳаматларидан ажратиб туради. ШИФО ТОПИШ АВВАЛАМБОР РУҲ ДАРАЖАСИДА ЮЗ БЕРАДИ Кўплаб одамларнинг муаммоси шундан иборатки, улар турли ҳаётий ҳолатларда руҳий принциплар ҳаракатини кўрмайдилар. Ҳаттоки улар юқоридан туғилсалар ҳам, улар ўзларининг одат тусига кириб қолган ҳолат бўйича яшашни давом эттираверадилар, баъзида эса уларнинг олдинги кўрсатмаларига биноан ирода кучини қўллайдилар. Улар юзада турган нарсаларни кўрадилар, холос, ҳаётга ҳам юзаки қарайдилар. Биз ҳаётга Худонинг нуқтаи назаридан қарашни бошласак, унда шиддатли сув ости руҳий хусусиятларнинг кўплигини кўрамиз. Бизнинг истакларимиз ва ҳис-туйғуларимиз руҳ орқали асосланади, жонда намоён бўлади ва тана орқали ўз тимсолини ва ифодасини топади. Бизнинг гапларимизда қилган ҳатти-ҳаракатларимизда, ким билан нима учун учрашганимизда руҳий томон мавжуд. Аслида, жисмоний, ақлий ёки ҳис-туйғу соҳаларида, у ерда ҳар доим руҳий таркиб бор бўлади. Биз синовларга дуч келганимизда, одатга кўра, биз юзада турганларни кўрамиз, холос. Биз ва ўзаро муносабатларимиз билан нималар юз бераётганини тасвирлаш учун турлича иборалардан фойдаланамиз: • Агар одамнинг кўриниши чарчаган бўлса, ёки унинг жиддий асабийлашгани билиниб турса, биз унинг соғлиғи жойида эмас, деймиз. • Агар одамлар ўзаро муносабатларини тўхтатсалар, биз уларнинг иттифоқи барбод бўлди, деймиз. • Агар биз молиявий зарар кўрсак, биз хонавайрон бўлдик, деб айтамиз. Кўпинча қийинчиликларни бошимиздан кечирар эканмиз, биз ҳаётнинг моддий ва эмоционал соҳаларидаги ғам-ғусса ҳақидаги тушунчамизни чеклаймиз. Бироқ ғам-ғусса давридаги асосий саволлар қуйидагичадир: • Менинг руҳий ҳаётимда нималар юз бермоқда? • Худо менинг Ўзи билан муносабатларимиз учун нималар қилишни истайди? • Мени қайта тиклаш, янгилаш, У билан ўртамиздаги муносабатларимизни ўзгартириб янгича шакл бериши учун, Худо мен учун оғир бўлган бу кунларда қай тарзда ҳаракат қилиши мумкин? • Менга шифо бериш учун бундай холатларда Худо қандай йўл тутади? Бундай саволлар бизни Худога йўл олишимизга ундайди. Энг муҳими – У билан бизнинг тўлиқ ўзаро муносабатларимизга бўлган ишонч, Ахир, фақат шундагина У биздан тўлақонли шахс сифатида фойдаланиши, руҳимизни мустаҳкамлаши ва ҳар қандай шароитда Унга тўлиқ итоаткор бўлишга ёрдам бериши мумкин. Худонинг мақсади – пировардида, бу доимий руҳий баркамоллик. Ташқи шарт-шароитлар ўзгариши мумкин. Ва улар Худо белгилаган муддатда доим ўзгариши мумкин. Азоб-уқубатда бўлган ҳолатимизда биз Худонинг хоҳиш-иродасига нафақат бўйсунишимиз, балки У белгилаган муддатга амал қилиб, Унга бўйсунишимиз лозим. Шифо топиш биз хоҳлаганимиздек тез ва осонгина юз бермайди. Бироқ у кутишга арзийди! ШИФО ТОПИШ ВАҚТ ТАЛАБ ЭТАДИ Ҳаворий Павлус коринфликларга шундай деб ёзган: “Шунинг учун ҳам умидсизланмаймиз. Гарчи зоҳирий вужудимиз ҳар қанча хазон бўлаётган бўлса-да, ботиний вужудимиз кундан-кунга янгиланаяпти. Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади. Чунки биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, кўзга кўринмайдиган нарсаларга қараймиз. Кўринадиганлари муваққат, кўринмайдиганлари эса абадийдир” (2 Коринфликларга 4:16-18). Синовлар диёридан ўтаётганимизда, биз ниҳоятда эҳтиёткор бўлишимиз ва Худо бизга қачон ёрдам беришини кутиб, Унинг йўлларини ва вақтини олдиндан билиб олишга интилмаслигимиз керак. Худованд аста-секин Ўз мақсадларини бизга намоён қилади. Худованд Ўзининг барча истакларини бизга бирданига эмас, аста-секинлик билан очиб беради. Шунинг учун биз Худога ишонишга ва ҳар бир кунни ишонч билан кутиб яшашга даъват этилганмиз. Баъзида биз вақтимизни бекордан-бекорга кутиш билан ўтказаётгандай бўламиз. Аммо диққат билан чуқурроқ назар соладиган бўлсак, Худо ҳар биримизда ички ишларни амалга ошираётганини сезамиз, биз чиндан ҳам кундан-кунга ўсамиз ва мустаҳкамланамиз. Одамлар шифоси йўқ касалликлар билан курашганлар ва бунинг кўп марта гувоҳи бўлганман. Улар том маънода ўзларининг силлаларини қуритадилар ва тушкунликка тушиб қоладилар. Мободо улар Худога мурожаат қилиб, ўз ҳаётларини тамомила Унга бўйсундирсалар, уларда шундай ички, ботиний гўзаллик ва руҳий куч пайдо бўладики, жисмонан вужудда юз бераётган салбий ўзгаришларни гўзаллик ва куч ортда қолдиради. Баъзида бу одамлар жисмонан ҳам шифо топганлар. Баъзида эса – йўқ. Бироқ абадият нуқтаи назаридан янада муҳимроқ нарса – бу уларнинг руҳан шифо топишидир. Худо бизнинг бебаҳо ва абадий руҳимизда ҳаракат қилаётганда, У қалбни мустаҳкамлайди, уни такомиллаштиради ва тарбиялайди, хуллас, бир сўз билан айтганда, шифо беради. Биз шуни ҳам тан олишимиз керакки, бизнинг азоб-уқубатларимиз қанчалик оғир бўлмасин, аслида, улар ўткинчи. Биз ноумидлик ва чорасизлик ҳолатида бир неча йиллар давомида бўлсак ҳам, абадият билан солиштирилганда бу ҳеч гап эмас. Вақт оралиғини ва абадиятни ҳеч қандай математик ҳаракат билан асло тенглаштириб бўлмайди. Биз донолик билан фикр юритишимиз лозим: шундай кун келадики, бизнинг зоҳирий вужудимиз албатта ўзгаради. Фақатгина ботиний руҳ соҳасида юз бераётган ҳаракатлар ўзгаришсиз ва абадий қолади. Ҳаворий Павлус Коринфдаги имонлиларни кўринмайдиган нарсаларга қарашга даъват этади. Биз азоб чекиб хафсаламиз пир бўлганда, ушбу маслаҳат сиз билан бизга ҳам жуда ўринлидир. Вазият ниҳоятда даҳшатли бўлиши мумкин, аммо биз ўз ҳаётимизни Худога бағишлаганимизда, оғир ва даҳшатли шарт-шароитни гўзал бир ҳолатга айлантиради. Кўринмайдиган вужуддан Ўз ишини бошлаган Худо бизни мукаммал қилади. У ҳамма нарсада тартиб ўрнатади: Худо биринчи ўринга – руҳни, иккинчи ўринга – жонни, шундан кейингина эса – вужудни қўяди. Бир неча йил илгари ниҳоятда чарчаганимдан силлам қуриб, қаттиқ асабийлашадиган бўлиб қолдим. Менинг шифокорим икки-уч ҳафта эмас, балки узоқ вақт – бир неча ой дам олишни тавсия қилди. Жамоатдаги биродар ва сингиллар менга жавоб беришга рози бўлишди ва мен дам олиш учун кичкинагина бир оролга йўл олдим. У ерда мен бирор иш қилмасдан, соҳилда айланиб юрдим, дам олдим ва тинмай ибодат қилдим. Мен учун бундай тарзда дам олиш шунчаки чидаб бўлмас даражада эди! Менинг соғлигим учун орқамга қайтиб бориб, уйимнинг томини беркитаётган усталарга ёрдам беришим фойдалироқ бўлса керак, деб ўйладим мен. Пасторлик хизматимга аста-секин қайта бошладим: олдинига бир неча соат ишладим, кейин эса бутун иш куни хизматда бўлдим. Оролда ўтказган давр мобайнида мен нафақат дам олиб ўз соғлигимни тикладим, балки ҳаётга ва хизматга янгича қарай бошладим. Мен бир нечта мураккаб саволларга жавоб топишим керак эди. Жамоат раҳбарлигини нима қилиш мумкин? Ҳокимиятни жамоат кенгашига топшириб, Худога у орқали ҳаракат қилишга имкон беришим керакми, ёки барча қарорларни ўзим қабул қилишни давом эттирайми? Дам олиш кунлари ҳақида жиддий ўйлаб кўришим керакми ёки ҳафтанинг етти кунида тинмай ишлайверайми? Хизмат орасида бирозгина дам олишим керакми ёки бошим билан ишга шўнғиб кетишим лозимми? Бироқ энг катта муаммо – бу ишонч-эътиқод масаласидир. Мен кимга ишонмоқчиман – ўзимгами ёки Худогами? Биринчи бор дам олишга кетганимга ҳам олти ой бўлибди. Навбатдаги якшанба кунидаги жамоат йиғилишида мен кафедрага чиқдим ва ўйландим: “Мана, мен ўз хизматимга қайтдим”. Мен куч-қувватга тўлгандим, фикрларим аниқ ва равшан, қолаверса, энг муҳими – Худо билан менинг муносабатларим чуқур ва бойроқ эди. Менинг ҳаётимда ҳеч нарса ўзгармади. Мен ҳозирда ҳам тез-тез чарчаб қолиб, дам олишга эҳтиёж сезаман. Олдингидай, мен барча ишларни ўз зиммамга олардим ва имкон қадар ҳаммасини тезроқ бажаришга интилардим. Аммо мен энг муҳимини эслаб қолдим: Худо – бу капитаннинг ёрдамчиси эмас, кема капитани эканини англадим. Шунинг учун ҳам мен Унга штурвални бошқаришни топширдим. Бир неча ой азоб тортишим ва холсизланишим мени Худога суянишга ва Унда бўлишга, Унинг иродасига ишонишга ва У Ўзининг мақсад ва режаларини менга қачон очиб беришини кутишга ўргатди. Энди эса мен қачон ишлашни ва қачон дам олишим кераклигини ўз вақтида билиб олишим учун Худо мени “тўғри йўлга” солишига имкон бераяпман. Менинг ҳаётим менга эмас, Унга тегишли эканини мен тушундим. ШИФО ТОПИШ ХУДОНИ УЛУҒЛАЙДИ Абадиятда сиз ҳам, мен ҳам Худонинг мулкимиз. Биз Унинг инояти, Унинг ўлими туфайли, дафн қилиниши ва қайта туғилиши, биздаги Муқаддас Руҳнинг хизмати туфайли эга бўлинганмиз. Бизнинг мақсадимиз – Унга шараф келтириш. Бизнинг буюк ғалабамиз ҳаётда ўз кучимиз билан эришганимизда эмас, балки бизнинг ҳаётимизни бошқариш учун Раббийга имкон берганимиздадир. Айнан шу билан биз Унга шон-шуҳрат келтирамиз. Тожимизни Унинг тахти олдига қўйиб, Раббийнинг кўз ўнгида гуноҳ ва нуқсонсиз намоён бўлишдан ўзга бахт ва шодлик йўқдир. Бутун ҳаётимиз – бу абадиятга тайёргарлик эканини биз кўпинча эсдан чиқариб қўямиз. Биз бу ҳаётда мактабдаги сингари ўқиб-ўрганамиз, ўсамиз ва ривожланамиз. Бу – тикланиш жараёнидир. Биз Худонинг мақсад-иродасини қабул қилиб, уларни қўллаб-қувватлашимизда, шифо топиш жараёни бошланади. Ана шундагина менинг иродам тўлиқ Унинг иродасига бўйсунади, мен юрагим ва онгим, вужудим, қалбим ва руҳим билан Унга тегишли бўламан. Ана шу ҳолат юз берганда, менинг ҳаётим тўлалигича Унинг қўлларида бўлади. У хоҳлаганича, мени бошқараверади. Бу эса, биродарларим, ҳаётимдаги буюк байрамнинг бошланишидир! С новой страницы 6 – боб РУҲИЙ ЕТУКЛИККА ЭРИШИШ Руҳий ўсиш – бу биз ҳозирда истиқомат қилаётган шу еру заминда бошланиб, бизни Худо кутаётган абадиятда якун топувчи жараёндир. Бу жараён бизни тўлиқ Худога бўйсунишимизни назарда тутади. Бунинг натижасида биз руҳий етукликка эришамиз. Бироқ биз балоғатга етишишимиз учун Худованд азоб-уқубатларга йўл қўяди. Руҳий балоғатга етишиш жараёни уч омил нуқтаи назаридан иборат: ўзгариш, улғайиш ва қайғу (Худонинг қаршисида тўлиқ тор-мор бўлиш). ЎЗГАРИШ Руҳий балоғатга етишиш жараёнининг биринчи омили – бу ўзгариш жараёнидир. Агар биз ўзгаришни истамасак, бу ҳолда руҳий ўсиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Эски йўлдан бориб, эски ғояларга асосланиб ва Худо ҳақида, Муқаддас Руҳ ёки масиҳийча ҳаёт ҳақида эскича тасаввурлар билан бошқарилиб, шу билан бирга, Худо бизни кўришни истаган одамларга ўхшай олмаймиз. Етуклик қурувчи ўзгаришларни қабул қилиш истагини билдиради. УЛҒАЙИШ Руҳий етукликка етишишнинг иккинчи омили биринчи омил билан чамбарчас боғланган бўлиб, бу ўсиш омилидир. Ҳар қандай ўзгариш ҳам улғайишга олиб келавермайди, лекин ҳар қандай ўсиш албатта маълум бир ўзгаришлар билан белгиланади. Биз ўзимизнинг барча фикрларимизда, ҳис-туйғуларимизда ва ҳаракатларимизда Масиҳга ўхшамагунимизча, руҳий етуклик – “ўсишни” назарда тутаверади. Бутруснинг Иккинчи мактубида (3:18) биз қуйидагиларни ўқиймиз: “Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб-билиб борган сайин ривож топинглар. Ҳозирдан то мангу кунгача Унга шон-шуҳрат бўлсин!” Олимларнинг фикрига кўра, табиатда нимаики ўсадиган бўлса, маълум бир “озуқа муҳитида” ўсиб камол топади. Илмий лабораторияларда шундай муҳит сифатида тупроқ, сув ёки кимёвий моддалар хизмат қилади. Руҳий соҳада бўлса, бундай муҳим вазифасини севги бажаради. Биз бир-биримизни севганимизда, руҳан етукликка эришамиз. Ҳаворий Павлус шундай деган: “Биз, аксинча, ҳақиқат ва муҳаббатга содиқ қолиб, ҳар жиҳатдан баданнинг боши – Масиҳ томон ўсиб борайлик. Унинг бошчилигида бутун бадан алоҳида-алоҳида ҳаётий паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир бўлакнинг алоҳида ўз ҳолича, муҳаббат билан ҳаракат қилиши натижасида бадан ўсиб-улғаяди”. Эфесликларга 4:15-16 Ўсишимиз бизни озодликка, эркинликка олиб келмайди. Лекин табиий дунёда айнан шундай бўлади – болалар ўсиб-улғаядилар ва ота-оналаридан мустақил бўлиб чиқадилар. Руҳий улғайиш Раббий Исо Масиҳга ўсиб бораётган тобеълик билан таърифланади. Руҳий етуклик – бу бизни ҳам бошқарувчи, ҳам устоз, ҳам ҳимоячимиз Муқаддас Руҳга тўла тобеълик ҳолатидир. ҚАЙҒУ Руҳий етукликнинг учинчи омили – бу қайғу омилидир. Агар биз ўзгариб улғайишни хоҳламасак, бизнинг улғайишимизга тўсқинлик қилаётган ва Худонинг иноятини тўлиқ қабул қилиш имкониятидан тутиб турган нарсалардан воз кечишимиз керак. Биз ўрганиб қолган ва қаттиқ тутиб олган ҳолатларни тарк этишимиз лозим бўлади. МУСОНИНГ ҚАЙҒУСИ Руҳий етукликнинг барча омиллари Мусонинг ҳаётида яққол намоён бўлган. Муқаддас Китобда ҳикоя қилинган унинг тарихи аслида, ўз акалари томонидан қулликка сотилган Ёқубнинг ўғли Юсуфдан бошланади. Қатор мушкул шарт-шароитлар орқали Худо шундай қилдики, Юсуф оддий қуллик вазифасидан Миср фиръавнининг ҳокими қилиб тайинланади. Катта бир юртнинг бошлиғи бўлган Юсуф бутун бир халқни етти йиллик қаҳатчиликдан қутқариб қолди. Юсуфнинг оила аъзолари яшаётган Канъон ўлкасида ҳам қаҳатчилик ҳукм сурар эди. Очликдан ўлиб қолмаслик учун Юсуфнинг акалари ҳам ғалла сотиб олиш учун Мисрга йўл олдилар. Уларнинг сафари Юсуф билан учрашиш орқали якун топади. Юсуфнинг бутун оила аъзолари, етмиш кишидан зиёдроқ исроилликлар Мисрга кўчиб ўтадилар ва хавф солган очлик ўлимидан омон қоладилар. Мусо туғилган пайтга келиб исроилликларнинг сони ниҳоятда кўпайиб, уч миллиондан ошиб кетган эди. Юсуфнинг ўлимидан сўнг Миср тахтига янги фиръавн ўтиради. Янги фиръавн яҳудийларни жуда ёмон кўрарди, қолаверса, у Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмас эди. Фиръавн ўз халқига шундай деди: “Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди. Қани, бир йўлни топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар” (Чиқиш 1:9-10). Фиръавн Исроил халқини оғир ишларни бажаришга мажбурлаб, уларнинг устидан Миср назоратчиларини тайинлади. Муқаддас Китоб шундай гувоҳлик беради: “Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борар эди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар. Улар Исроил халқини зўрлик билан аёвсиз қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар” (Чиқиш 1:12-13). Исроил халқининг сонини ўсиб боришини қандай қилиб бўлмасин тўхтатиш мақсадида фиръавн фармон чиқарди. Бу фармонга биноан, доялар туғилаётган яҳудий ўғил болаларни ўлдиришлари талаб этилди. Ушбу фармон кучга киргандан кейин Мусо туғилади. Бироқ Мусонинг онаси фармонга бўйсунмай, ўғлини яширади. Она ўғлини уч ой яшириб юргандан кейин, уни кичкинагина қамиш саватга солади ва Нил дарёси бўйидаги қамишзор орасига қўйиб кетади. Аёлнинг қизи, яъни чақалоқнинг опачаси Марям эса: “Унинг тақдири нима бўларкин...”, деб узоқдан кузатиб туради. Шу пайт Худонинг иродасига кўра фиръавннинг қизи дарё бўйига чўмилгани келиб қолади ва қамишзор орасидаги саватни кўриб қолади, чўрисига: “Саватни олиб кел!” деб буюради. Фиръавннинг қизи саватни очиб қарасаки, бир чақалоқ йиғлаб ётган экан. “Бу яҳудий болаларидан бири”, - деди у. Саватнинг ичидаги яҳудий чақалоққа раҳми келиб, уни фарзандликка олишга қарор қилди. Шунда Мусонинг опаси Марям фиръавннинг қизига чақалоқ учун яхши бир энага топиб беришини айтди. Фиръавнинг қизи энага олишга рози бўлганда, Марям бориб Мусонинг онасини чақириб келди. Шундай қилиб, Мусони ўзининг онаси катта қилди. Мусо улғайгандан кейин кунларнинг бирида оғир меҳнат қилаётган қабиладошларини кўргани борди. Бундай қараса, бир мисрлик одам унинг қабиладошларини ураётганига гувоҳ бўлди. Мусо атрофга кўз ташлади, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, мисрлик одамни ўлдирди ва биров кўрмаслиги учун қумга кўмиб қўйди. Қилган ишини ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлади Мусо. Бироқ бундай бўлиб чиқмади. Кейинги куни Мусо иккита яҳудийнинг бир-бири билан жанжаллашаётганининг устидан чиқиб қолди. Мусо уларни ажратиб қўймоқчи бўлганда, улардан бири деди: “Ким сени бизга ҳукмдор, ҳакам қилиб қўйди? Мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчимисан?” (Чиқиш 2:14). Унинг қилган иши ошкор бўлиб қолганини Мусо тушунди ва фиръавннинг зулмидан қочиб Мидиён юртига кетди. Узоқ қирқ йил давомида Мусо қайнатаси – Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятронинг қўй-эчкиларини саҳрода боқиб юрди. Авваллари Мисрда, фиръавннинг саройида Мусога ҳукмдорнинг ўғлидай муносабатда бўлишган, энди эса қувғинга учраган Мусо саҳрода оддий чўпон бўлиб хизмат қилар эди. Бу эса Мусонинг қайғу ва мусибат даври эди! Хўш, Мусо нималарда Худонинг олдида тўлиқ ҳокисор бўлиши керак эди? Шундай қилиб, у обрў-эътиборга ва ҳокимиятга эга бўлган ўқимишли инсон эди. Мусо кўплаб амрлар бериш ҳуқуқига эга бўлган ва Миср юртининг барча бойликлари унинг қўлларида эди. Бундай ваколатларга Мусо фиръавннинг саройида эга бўлган. Ўйлашимча, агар Исроил халқини сут ва асал оқиб турган Канъон юртига олиб бориш учун биз бирорта одамни танлайдиган бўлсак, унда Мусонинг номзоди айни муддао бўлар эди. Одамларнинг нуқтаи назарига кўра, бу вазифани бажаришга талаб этиладиган барча муаммоларни бажариш унинг қўлидан келди. Унда нима учун Мусо умрининг қирқ йилини саҳрода ўтказишига тўғри келди? Гап шундаки, Мусо ўзгариши керак эди. Худованд шундай йўл тутиши лозим эди, токи Мусо ўзининг куч-ғайратига ишонишидан воз кечсин. У бутунлай Худога суянишни ўрганиши лозим бўлган. Яҳудийлар Мусо сингари Миср маданиятининг кучли таъсирида эдилар: улар бу маданиятга шунчалик сингиб кетдиларки, ҳаттоки Миср худоларига ҳам сажда қила бошладилар. Буни тушуниш қийин эмас, чунки Мусо сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Исроил халқи Мисрда тўрт юз йилдан ортиқ вақт мобайнида яшаётган эди. Миср еридан олиб чиқилган халқ Худони улуғлаши учун, У Мусонинг онгини Мисрнинг маданий таъсиридан ҳалос қилиши керак эди. Ана шундан кейингина, Исроил халқи фақатгина Худога суяниши кераклигини кўришлари мумкин эди. Худо Мусони азобланишига йўл қўярэкан, У буюк мақсадни Ўз олдига қўяди – У Исроил халқини Ўз халқига айлантириши учун Худо бутун Исроил халқини езилишига йўл қўйди. Мусони мусибатга учратиб, у Мисрдаги ҳаёти даврида эга бўлган барча нарсалардан Худо Мусони маҳрум қилди. Мусо саҳрога қочиб, ҳамма нарсадан – оиладан, сарой ҳаётидан, барча обрў-эътибор ва иззат-ҳурматдан, ўзининг ҳокимиятидан ва буюклигидан маҳрум бўлди. Мусо ҳаммасидан айрилди. Қимматбаҳо кийимларда юриш, ҳашаматли саройларда яшаш, безатилган араваларда сайр қилиш, энг зўр хизматкорларга эга бўлиш ва ён-атрофдагиларнинг эътиборини ўзига қаратиш нақадар зўрлигини Мусо жуда яхши билган. Бироқ бир неча кун ичида ҳаммаси ўзгарди. Фиръавннинг асоси (Подшоҳнинг таёғи) ўрнига ҳозирда Мусонинг қўлида чўпоннинг ёғоч ҳассаси, атрофда уни ўраб турган хизматкорларнинг бир тўдаси эмас, балки қўйларнинг подаси. Мусо сарой ўрнига эндиликда оддийгина капада яшар эди. У барча яҳудийлар каби ҳаёт кечира бошлади. Бир неча йил давомида Худо Мусонинг юрагини ва қалбини ўзгартиришни давом эттирди. Мусо ўзини ўйлайдиган, бутун диққат-эътиборини Худога қаратган имонлига айланди. Мусо Худонинг йўлларини тушунишни, шунингдек, Худо учун нима аҳамиятга эга эканини ўрганди. Мусо бу дунёнинг кўз ўнгида нотавон бўлиб, Худонинг кўз ўнгида қадрга эга бўлиш яхшироқ эканини англади. ХУДОДАН БЎЛМАГАН НАРСАЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШ Кимдир шундай деб ўйлаши мумкин: “Наҳотки Худо Ўз қўлларида қурол воситасига айлантирмоқчи бўлган ҳар бир одам билан шундай йўл тутса?” Бир томондан, сиз фиръавннинг ўғли эмассиз, шунинг учун ҳам сизнинг бошингизга Мусонинг қисмати тушишидан ҳавотир олмайман. Бошқа томондан, Худо чиндан ҳам Ўз режаларини амалга ошириш учун бизни ўзгартираётганда, ўша олдинги қоидаларидан фойдаланади. Худо бизни буюк, ҳурмат-эътиборга сазовор, бой ва бадавлат қилмоқчи эмас. Худо бу ҳаётда тўғри ўринни эгаллашимизни ва муҳими – бизнинг ҳаётимизда энг бебаҳо Зот Унинг Ўзи бўлишини хоҳлайди. Албатта, Худо сизни бой қилиши мумкин. Сизни машҳур қилиш ҳам Унинг қўлидан келади. Аммо шундай бўлса, бу ҳолда барча шараф фақат Худога тегишли бўлади. Агар сиз тўлиқ Худога суянсангиз, агар Худо сизга шон-шуҳрат ва ҳузур-ҳаловат инъом этса, сиз ҳеч қачон шон-шуҳрат ва ҳузур-ҳаловат ҳақида ташвиш тортмайсиз. Сиз учун буларнинг аҳамияти бўлмайди! Худо сизга берган машҳурлик ва пуллардан ўзингизни кўкка кўтариш учун эмас, балки фақатгина Унинг мақсадларига етишиш учун фойдаланасиз. Мусони бўйсундириш учун Худога нега қирқ йил керак бўлганини Муқаддас Китоб бизга айтмайди. Бироқ бизнинг ишончимиз комилки, бизнинг ҳаётимиздаги барча хафагарчилик, душманлик ва адоват ҳис-туйғуларини йўқ қилмагунимизча, Худо бизни жабр-зулмга дуч қилаверади. Бу жараён қанча вақт талаб қилиши Худони қизиқтирмайди. Худони бу жараённи охирига етказиш қизиқтиради. Мусонинг характерини ўзгартириш ва уни Раббийга тўлиқ ва тўлақонли бўйсунишига ҳалақит берувчи омилларни йўқ қилиш учун Худога қирқ йил керак бўлди. Эҳтимол, бу қирқ йил Мисрда маълум бир вазият юзага келиши учун керак бўлгандир. Ёки бўлмаса, Исроил халқи шунчалик қийналган эдики, Худо уларга берган ҳар қандай йўлбошчи кетидан боришга тайёр бўлгани билан изоҳланади. Худо вақтининг тўлалиги, деган бир тушунча бор. “Вақт тўлганда” Худованд ҳаракат қилишни бошлайди, деган гапларни биз бир неча бор Муқаддас Ёзувда ўқиганмиз. Худонинг муддатлари – бу бизнинг муддатларимиз эмас. Худо учун вақт – бу Унинг мақсадларига эришиш қуролидир. Абадият билан солиштирилганда, қирқ йил – бу ҳеч нарса эмас! Менинг, Мусо бошидан кечирганларни сизларнинг ҳеч бирингиз бошларингиздан ўтказишни хоҳламайсизлар, деб ўйлайман. Мусонинг қайғуси ниҳоятда оғир ва аянчли кечган. Қирқ йил мобайнида уни кулолнинг ғилдираги устидаги лой сингари эзғиладилар, сиқдилар ва ишлов бердилар. У тамомила ўзгармагунича, бу жараён яна ва яна такрорланаверди. Олдинги ва қирқ йил ўтгандан кейинги Мусо – бу икки турлича шахслардир. Бироқ Худо айнан шунга интилганди. Яҳудийларни Мисрдан олиб чиқиш учун Мусо яна бир бор фиръавннинг ҳузурига келганда, у қачонлардир фиръавндан қочган одамга асло ўхшамас эди. ЭЗГУЛИК УЧУН АЗОБ ТОРТИШ – БИЗНИНГ ЖАМИЯТИМИЗДА ОММАБОП БЎЛМАГАН ҒОЯ Бизнинг маданиятимиз бизга умуман бошқача қадриятларни сингдиради. Биз мустақил бўлишга, келажакни режалаштиришга ва ҳар доим олдимизга қўйилган мақсадларни бажаришга интиламиз. Миср маданияти қачонлардир Мусога қандайдир таъсир кўрсатган бўлса, ўша сингари замонавий маданият ҳам шундай таъсир кўрсатади. Бироқ Худо Мусони умуман бошқа нарсага ўргатмоқчи эди. Саҳрода Мусо Худога тўлиқ суянишга ва Худо нимани буюрса, шуни худди У айтганидай бажаришга ўрганди. Худога ишончнинг энг яхши намунаси, албатта, Исо бўлган. У Ўзининг шогирдларига шундай деган: “...Мени кўрган Отамни кўрган бўлади... Мен Отамда ҳозирман, Отам эса Менда ҳозир. Мен сизларга Ўзимдан тўқиб гапирмаяпман, балки Менда ҳозир бўлиб турган Отам Ўз ишларини бажармоқда. Менга ишонинглар; Мен Отамда ва Отам Менда ҳозирдир. Бордию бунга ҳам ишонмасангизлар, ақалли бажараётган ишларимнинг ўзи орқали Менга ишонинглар” (Юҳанно 14:9-11). Исо Ўзининг бутун ҳаёти давомида Худонинг иродасини амалга оширди. Худо Мусодан ҳам, бизларнинг ҳар биримиздан ҳам шундай итоаткорликни хоҳлаган. Қачонлардир кимдир шундай деган: “Қалб Худога юз тутиши учун қандайдир лаҳза талаб этилади, аммо муқаддас бўлиш учун бутун ҳаёт талаб этилади”. Худога юз тутиш ҳақиқатдан ҳам бир лаҳзада содир бўлади, аммо руҳан етукликка эришиши учун узоқ йиллар ўтиши керак. Мен кўпинча қуйидагича ҳолатни кузатаман: масиҳийлар доимо нафақат ўзларининг ишларида ва жамиятдаги ўрнида, балки ўзларининг масиҳий ҳаётларида ҳам ютуқларга эришишга интиладилар. Улар нималарнидир тўплайдилар, нималарнидир ахтариб топадилар ва сотиб оладилар, янгидан-янги мартабаларни қўлга киритадилар, ёпиқ клубларга аъзо бўладилар, ўзларининг руҳий мазмундаги ҳаётларига кўпдан-кўп ютуқларни ёзадилар ва узундан-узун хизмат рўйхатларини тузадилар. Бу билан улар қачонлардир Худо ҳузурига келганларида, шундай деб айта оламиз деб умид қиладилар: “Раббий, қара, мен Сен учун нималар қилмадим...!” Худо бизни қийинчиликларга дучор қилганда, У бизни нарсаларни йиғишга эмас, балки улардан қутилишга даъват этади. Шунингдек, У бизни турлича ёмон одат, истак ва режалардан ҳалос бўлишга чорлайди. Биз ниҳоят: “Раббий, менинг бор-йўғим Сенсан. Сен – мендасан, мен эса – Сендаман. Ва бу – энг муҳими”, деб айтмагунимизча, У бизни ўзимизнинг “мен”имиздан халос этаверади. СИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗДА РУҲИЙ ЕТУКЛИК ЖАРАЁНИ Сизнинг ҳаётингизда Худо Мусонинг ҳаётида ҳаракат қилганидек эмас, эҳтимол бошқачароқ ҳаракат қилаётгандир. Бироқ Худонинг усуллари ҳеч қачон ўзгармайди. Худо сизнинг ҳаётингиздан нималарни чиқариб ташлашга интилади? Ўзингизнинг азоб-уқубатларингиз ҳақида фикр юритганингизда, сиз нималар ҳақида ўйлайсиз? Ўзингизни тўлиқ Худога топширишингизда сизга нималар халақит беради, ёки У билан сизнинг ўртангизда қандай тўсиқлар мавжуд? Сиз Худодан кўра нималарга кўпроқ ишонасиз? Сиз нималарни Худодан афзал кўрасиз? Мен таниган кишаларимнинг ҳаммаси, Худо уларнинг ҳаётидан нималарни олиб ташлашни хоҳлашини ичидан сезиб турадилар. Эҳтимол, улар бу ҳолатларни бир сўз билан ифодалаб бера олмасликлари мумкин, аммо одамлар ҳаётларини нималарсиз тасаввур қила олмасликларини ёки нималарни йўқотиб қўйишдан қўрқишларини одатда, кўрсатиб беришга қодирлар. Биз бир-биримизни яхши кўришимиз керак. Биз бир-биримизни қадрлашимиз лозим. Аммо ҳаммадан ҳам биз Худони севишимиз ва У билан бизнинг ўзаро муносабатларимизни қадрлашимиз зарур. Биз сидқидилдан меҳнат қилиб, эзгу ишларни амалга оширишимиз даркор. Бироқ биз ҳеч қачон ўз ишларимизни, ҳаттоки уларни “Худо учун” амалга ошираётган бўлсак ҳам, Худо билан бўлган муносабатларимиздан юқори қўймаслигимиз керак. Биз бир-биримизга хизмат қилишимиз ва Масиҳ ҳақида бутун дунёга гапиришимиз лозим. Бироқ биз ҳеч қачон ўз хизматларимизни Худо билан бўлган муносабатларимиздан юқори қўймаслигимиз лозим. Худо бизни ўзгартиради... бизни итоаткор қилади... гарчанд бу узоқ ва мураккаб жараён бўлса-да, биз то руҳий етукликка эришмагунимизча, У бизнинг устимиздан иш олиб бораверади. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ ҚЎЙИЛАГАН ХИЗМАТГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ Руҳан етук масиҳийларга мўлжалланган махсус хизматга бизни тайёрлаш учун Худо азоблардан фойдаланади. “Хизмат қилиш” жумласи сизни хижолатга солмасин. Ҳар бир масиҳий хизмат қилишга даъват этилган. Аслида хизмат қилиш – бошқа одамларга ёрдам беришда ифодаланади ва намоён бўлади. Биз кечаси билан жамоатда ёки бирор диний ташкилотда фаолият кўрсатишимиз кераклигини англатмайди. Кунларнинг бирида бир таниш аёл менга шундай деди: -Менинг барча биродарларим ва сингилларим бирор хизмат билан машғуллар. Мен эса бекорчиман. Мен фақат рафиқа ва онаман. Аёл бу ҳақда жилмайиб, ўзининг уй бекаси эканидан кечирим сўрагандек, ийманибгина гапирар эди. Мен унга дедим: -Сиз буюк хизматлардан бирини бажараяпсиз. Аёл ҳайратланишини яширмасдан менга қаради. Мен дедим: -Болаларни ҳақиқатда улғайтиришдан фахрлироқ бирор иш борлигини менга айтиб беринг-чи! Болаларни тарбия қилишда талаб этиладиган донолик, ишонч, сабр-тоқат ва севги бирор бошқа хизматда борлигини санаб бера оласизми? -Мен бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмабман, - деб тан олди аёл. Кейин у бирдан ҳайратланиб деди: -Демак, мен ҳам хизмат қилаётган эканман-да! Худди шундай. Болада Раббийга нисбатан севги уйғонишини сингдириш учун қанчалар билим ва кўникмалар керак эканини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Солиҳ, мўмин болаларни тарбиялаш учун она эга бўлиши керак бўлган фидойилик, матонат, билим, вақт ва интилишни бир лаҳзага бўлса ҳам кўз олдингизга келтириб кўринг-а! Ота-она хизматининг муҳимлигини ва қадрли эканини тўғри баҳолай олиш ва қадрига етиш лозим. Агар Мусонинг онаси: “Менда ҳеч қандай хизмат йўқ!” деб айтганда, нима бўлар эди? Бироқ аёлнинг хизмати тарихда мисли йўқ буюк хизматлардан бири бўлган: она бутун Исроил халқининг йўлбошчиси бўлган Мусони боқиб тарбиялади. Айнан она Мусонинг қалбига Худога бўлган ишонч ва эътиқодни жо қилди, айнан уша она туфайли Мусонинг қалбидаги Худога бўлган севги учқуни кўп йиллар ўтгач оташин, абадий ва ўчмас оловга айланди. Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша хизматимиз бор. Бизнинг иқтидор ва қобилиятларимизни яхши билган Худо уларни тўлиқ равишда намоён қилиш мақсадида, ҳар биримизга шахсий хизмат йўлимизни белгилаб берган. Биз ўз вазифамизни бажара олишимиз учун Худо бизни маълум вақтда маълум бир жойга қўяди ва маълум одамлар билан атрофимизни чегаралаб бирор муҳитга жойлаштиради. Бошқаларга хизмат қилиб, уларга ўз вақтимизни ва кучимизни баракали ҳадя этишимиз учун биз руҳан улғаямиз ва етукликка эришамиз. Мусо шу даражада руҳан етилиши керак эдики, токи у ўз халқини мисрликлар қуллигидан озод этиб, уларни Худо ваъда қилган сут ва асал оқиб турган Канъон ерларига олиб бориши ва Исроил халқи Худонинг улуғворлигида тинч-тотув, ибодатда ва солиҳликда яшаши керак бўлган. Худо Мусога махсус хизматни адо этишини хоҳлади. Шунингдек, У ҳар биримизга махсус хизмат кўрсатишни белгилаб қўйибди. Хизмат қилишни таърифлаш учун мен юқоридан белгилаб қўйилган, деган иборани қўллаганимни, эҳтимол, сиз сезган бўлсангиз керак. Бунга бир сабаб бор. Агар бу чиндан ҳам том маънода хизмат бўлса, демак, у юқоридан, яъни Худонинг кучига эга бўлган ҳолда белгиланган. Хизмат қилиш – бу “хизмат кўрсатишдир”. Ҳар ким ўз яқинларига нима биландир хизмат қилиши мумкин. Лекин юқоридан белгилаб берилган хизматни адо этиш учун инсон бошқаларга Худонинг бошчилигида хизмат қилиши керак бўлади. Юқоридан белгилаб берилган хизмат Муқаддас Руҳ кучини талаб қилади. Бироқ шуни ҳам таъкидлаш лозимки, юқоридан белгилаб берилган хизмат фақатгина мўъжизалар кўрсатишда ва шифо беришда намоён бўлмайди. Руҳий қонунлар асосида йўлга қўйилган тижорат, болаларда Худога бўлган севгини тарбиялаш, Хушхабарни тарқатиш ёки жамоатдаги хорда ҳамду саноларни куйлашда иштирок этиш, мактабда дарс бериш ёки шифохоналарда ишлаш – буларнинг ҳаммаси юқоридан белгилаб берилган хизмат бўлиши мумкин, агарда улар Худони шарафлаш учун ва бу шифолар Муқаддас Руҳ иштирокида амалга ошириладиган бўлса. Энди эса мен юқоридан белгилаб берилган хизматнинг баъзи бир омилларини таъкидлаб ўтаман. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ҲАР ДОИМ АНИҚ МАҚСАДГА ЭГА Худо бизни хизмат қилишга даъват этганда, Унинг ҳар доим аниқ мақсади бўлади. Ёниб турган бутанинг орасидан Худо Мусога мурожаат қилди: “Сен ҳозир Миср фиръавнининг ҳузурига борасан ва халқим Исроилни Мисрдан олиб чиқишингни унга айтасан”. Айнан мана шу Мусо хизматининг мақсади бўлган. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ХУДОГА ТЎЛИҚ ИШОНЧНИ ТАЛАБ ЭТАДИ Худо Мусога юклаган вазифа ниҳоятда оғир эди. Шунда Мусо дарров баҳона топди. Мусо шундай деди: “Раббий, мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?!” Мусо халқни бошқара олмаслигини ва Худо унга юклаган топшириқни бажара олмаслигини Унга айтди ва бу вазифани бажариш учун бошқа одам танлашини Худодан илтижо қилди. Аммо шундай бўлса-да, Мусо Худога итоат этди ва Унга Худо томонидан берилган топшириқни бажарди. Бутун Муқаддас Ёзувда камтарлик ва итоаткорлик руҳини намоён қилувчи қуйидагича иборадан ўзга иборани учратмайсиз: “Раббий, мен ким бўлибман?!” Худованд биздан айнан шуни кутади. Тўғри, биз қўлимиздан келмайди, деб айтамиз, аммо биз Худога тўлиқ ишонсак, У ҳамма нарсани қилишга қодир. Ишларнинг уммонига ботиб қолма, Бунга сенинг кучинг етмайди. Сен фақат Менда жо бўлгин – Ишларни эса, Ўзим амалга ошираман. Хадсон Тейлор Худо биздан айнан шундай муносабатни – тўлиқ ишончни кутади. Худо Мусонинг Раббийга бўлган умидини тасдиғини талаб қилди. Худо ҳеч қачон шундай деб айтмаган: “Ҳа, қачонлардир сен Менга ишонгансан, келажакда ҳар доим Менга ишонишингни энди мен биламан”. Ҳаммаси аксинча бўлган. Мусонинг ишончи доимий равишда синовларга дучор бўлган. Синовлар қанчалар оғир бўлса, Мусо шунчалик кўпроқ Худога таянарди. Мисрдан чиққан исроилликларнинг йўли қийинлашиб боргани ва саҳродан улар қанчалик узоқ юргани сари, шунчалик Мусонинг Худога бўлган ишончи ортиб бориши талаб этилаверар эди. Юқоридан белгилаб берилган хизмат йўлида бизнинг ишончимиз доимий синовларга дуч келаверади. Ва Худованд ҳар доим бизни тўлиқ итоат этишга, чуқур ишончга ва мутлақ Унга содиқ бўлишимизга чорлайверади. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ХУДО КУЧИ БИЛАН АМАЛГА ОШИРИЛАДИ Мусо Худованднинг амрини эшитганда, у нима ҳис қилганини бир тасаввур қилиб кўринг-а! “Ким? Мен? Оддий бир чўпон-а?! Одам ўлдирганим учун мени қидиришаётган бир пайтда фиръавннинг саройига бориб, у исроилликларнинг кетишига рухсат беришини қандай қилиб унга амр бераман? Уч миллионга яқин одамни оёққа турғизиб ўз уйларини тарк этишга ва улар ҳеч қачон бўлмаган гўзал бир юртга боришини қандай даъват қила оламан?” Худованд Мусога юклаган вазифа осон эмас эди. Худо бизни даъват қилаётган вазифа баъзида ҳеч бажариб бўлмайдигандай туюлади. Бироқ бу Худо иродасининг бир қисми, холос. Худо биз тўлиқ Унга суянишимизни хоҳлайди. Агар биз зиммамизга юклатилган хизматни ўз кучимиз ва донолигимиз билан амалга ошира олсак эди, биз Худога эҳтиёж сезмаган бўлар эдик, қолаверса, бизнинг хизматимиз ҳам юқоридан белгилаб берилмаган бўлар эди. Худо Мусога аниқ ва равшан қилиб: “Мен халқимни қутқараман”, - деди. Мусо фақатгина фиръавн билан гаплашса, бас, Исроил халқини озод этиш эса Худонинг иши. Худо Мусога фақатгина чўпон таёғини бериб, фиръавннинг ҳузурига юборди. Бу чўпон таёғи Мусога Худонинг зоҳир бўлгани рамзи эди. Мусо ўзига ишониши мумкин бўлган ҳамма нарса ундан олиб ташланди. Мусонинг Худога тўлиқ ишонишидан ўзга чораси қолмади. Агар Худо берган ваъдасига вафо қилмаганда эди, ҳеч нарса юз бермас эди. Эгамиз Мусога мўъжиза кўрсатиш қудратини ато қилди. Мусонинг қўлидаги таёқ мўъжизавий эди: Мусо таёқни ерга ташласа, таёқ илонга айланади, Мусо илонни думидан ушласа, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланади, чунки таёқни Худо шундай қилди. Эгамиз Мусога қўлини қўйнига тиқишига амр берди. Мусо Худо айтгандай қилган эди, қўли мохов хасталигига йўлиқиб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Худо Мусога иккинчи бор қўлини қўйнига тиқишни амр берганда эса, Мусонинг қўли танасининг қолган қисми сингари асл ҳолига қайтди. Бу мўъжизаларнинг Мусога ҳеч қандай алоқаси йўқ – у Худонинг берган амрини бажаряпти, холос. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига фиръавнни Мусо кўндирмади. Қизил денгиз сувларини иккига у ажратмади. Одамларни озиқ-овқат ва ичимлик суви билан Мусо таъминламади. Исроил халқини саҳродан у олиб чиқмади. Буларнинг ҳаммасини Худованд бажарди. Мусонинг барча ҳатти-ҳаракатлари масъулиятини ва Исроил халқининг ҳамма эҳтиёжларини Худо Ўз зиммасига олди. Мусо фақатгина Худога қулоқ солди. Хизмат қилиш ҳамиша ушбу қоидага бўйсунади. Эҳтимол, биз уруғ экишимиз мумкин. Аммо уни Худо кўкартиради. Биз ярани боғлашимиз ёки дори-дармон беришимиз мумкин. Аммо шифо бериш Худо томонидан амалга оширилади. Биз чин дилдан ибодат қилишимиз мумкин. Аммо мўъжизани Худо кўрсатади. Биз қўлимиздан келганини қиламиз, Худо эса имконсиз нарсаларни яратади! Тасаввур қилиб кўринг-а, шундай катта оломонни Мисрдан Канъон юртларига олиб бориш нақадар машаққатли меҳнат! Одамлар йўлни давом эттиришлари учун Мусо неча марталаб уларга илтижо қилиб кўндирди. Саҳродан узоқ вақт юриб ўтиш учун халқнинг ейишини, ичишини ва бошқа муаммоларни Мусо ўйлашига тўғри келди. Юкларни нималарда ташиш керак? Хаста-беморлар билан нима қилиш керак? Орқада қолиб кетганларни-чи? Гапга қулоқ солмай, исён кўтарганларни нима қилиш мумкин? Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Мусонинг чўли-биёбонда чўпонлик қилган тажрибаси унга ниҳоятда қўл келган. Лекин Худо унга деди: “Мен сен билан бирга бўламан. Мен шундай қиламанки, Исроил халқининг оқсоқоллари сенга қулоқ солишади ва айтганларингни бажаришади. Мен Ўз қўлимни узатаман ва Ўзимнинг мўъжизаларим билан уларни ҳайратда қолдираман. Шундан сўнг фиръавн сизларнинг кетишларингга рухсат беради. Мен шундай қиламанки, мисрликлар сизларга ёрдам берадилар, шунинг учун ҳам сизлар Мисрдан қуруқ қўл билан қайтмайсизлар” (қаранг: Чиқиш 3:12-22). Ҳар сафар Худо бизни хизмат қилишга даъват этганида, У худди шундай дейди: “Буларнинг ҳаммасини қилаётган Мен бўламан. Мен бу муаммоларни ҳал этаман. Мен сизга айтганларимни бажарсангиз кифоя, қолган ҳамма ишни Менинг Ўзим бажараман”. Бизлар Худонинг иродасини бажариш учун даъват қилинганмиз. Биз Худонинг хоҳиш-иродасини бажаришимиз учун, У биз орқали Ўз кучини намоён қилади. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ АТРОФДАГИЛАРГА ТАЪСИР КЎРСАТАДИ Фақатгина Худо Мусони руҳан мустаҳкамлаши мумкин. Бу исроилликларга ҳам тааллуқли эди. Фақатгина Худо Ўз халқини Мисрдаги урф-одатлардан, Исроил халқига бегона бўлган ақидалардан халос этиши мумкин. Шунинг учун Худо халқига Қонунларни берди, ҳар қандай душманлардан уларни ҳимоя қилди, осмондан манна ёғдириб, халқни эсон-омон саҳродан олиб чиқди. Исроилликлар ҳаётининг ҳар бир жабҳасига кириб борар экан, Худованд уларни бўйсундирди ва шундай ўзгартирдики, уларни ўзгача, танланган халққа айлантирди. Худо қачонлардир Мусони мажусийлар оламидан асраб қолгани сингари, яҳудийларни атрофдагилардан ажратиб олди. Худо Исроил халқини янги урф-одатларга, янги модага, янгича итоат этишга ва янгича ҳаёт тарзига даъват қилди. Бундан ташқари, Эгамиз ягона ва ҳақиқий Худовандга юз тутмаганлар билан оила қуриш у ёқда турсин, ҳаттоки гаплашмасликни ҳам исроилликларга амр қилди. Раббий янги иқтисодни, ҳаёт тарзининг янги услубини, янгича қонун-қоидалар тўпламини яратди. Мусонинг саҳрода юрган вақти ва Исроил халқининг саҳрода ўтказган вақти бир хил, яъни қирқ йил экани тасодиф эмас. Миср маданияти Мусога сингдирган ҳамма нарсани Худо ундан чиқариб ташлади ва ундан Исроил халқининг йўлбошчисини яратди. Ва эндиликда Худованд Исроил халқидан Ўзининг танлаб олган халқини яратиш мақсадида У халқини барча Миср урф-одатларидан халос этди. Ўз вақтида Мусога Худо у билан бирга эканини тасдиқлаш учун аломат кўрсатгани сингари, Исроил халқига ҳам белги берди: кундузи – булут устуни, кечқурун – оловли устун. Ва ниҳоят, исроилликлар Худо уларга ваъда қилган юртга келганларида, улар Худо Ўз сўзига содиқ эканига ишонч хосил қилишлари мумкин. Исроил халқининг барча душманлари ер билан яксон қилинди. Ерихо деворлари карнайлар садоси ва одамларнинг овозидан қулади. Ҳар бир жангда Худо исроилликларга ғалаба келтирар эди, аммо барча шон-шуҳрат фақатгина Унга тегишли эди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Худо нега одамларни руҳий етуклик ҳолатига олиб келади? Жавоб худди олдингидай – юқоридан белгилаб берилган маълум хизмат учун. Иброҳим орқали барча халқлар Худога келишини кунларнинг бирида Эгамиз унга айтган. Худонинг халқи ҳамма халқлар учун нур бўлиши керак (қаранг: Ишаё 42:6 ва 49:6). Худаванд яҳудийларга нақадар юксак мақсадни кўрсатиб берди! Мусо билан бўлгани сингари, одамлар зиммасига ҳам қийин вазифа юклатилган эди. Худо шундай дейди: “Агар сизга Мен амр қилганларимни бажарсангизлар... Менга қулоқ солсангизлар... Мен сизларни марҳаматлайман... ва сиз марҳаматланган бўласизлар”. Худо биздан Ўз мақсадларида фойдаланиши учун бизни ҳаётимизда қайғу-дардларга йўл қўяди, бизга шифо бериб руҳан ўстиради ва мустаҳкамлайди. Худованд биз орқали бошқа одамларга шифо беради. Биз бошқаларни ўргатишимиз учун Худо бизга ўргатади. Худо бизга донолик ва ақл-фаросат инъом қилади, токи биз ўша доноликни бошқалар билан баҳам кўрайлик. Худо бизни юпатади ва қўллаб-қувватлайди, токи биз атрофдагиларга юпанч, тасалли ва қўллаб-қувватлаш олиб борайлик. Худо бизга руҳий инъомларни тақдим қилади, токи биз муҳтожларга хизмат қила олайлик. Худо бизни молиявий тарафдан таъминлайди, токи биз Хушхабарни тарқатувчиларга ёрдам бера олайлик. ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ БОР КУЧИНИ САРФЛАБ ИШЛАШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ Азоб-уқубатларни енгиб ўтган кишилар ўзларини қурбон қилишга тайёрдирлар. Фидокорлик ва ўзидан воз кечиш истаги хизмат қилиш иқтидорининг ажралмас қисмидир. Юқоридан белгилаб берилган хизмат ҳеч қачон совуққонлик ва енгил-елпи адо этилмайди. Бундай хизмат юксак севгини, иқтидорни, ишга чек-чегарасиз содиқликни талаб қилади. Исроил халқи қайта-қайта Мусога қарши чиқар эди, бу эса аслида, Худонинг Ўзига қарши чиққанлигини англатар эди. Тушкунликда қолган Мусо бир неча бор нола билан шундай дер эди: “Бу қайсар ва бўйсунмас халқни нима қилиш мумкин?” Бироқ Худованд бошлаган ишини давом эттирди ва шу билан бирга Мусони ҳам, халқни ҳам ташлаб қўймади. У Мусога тушкунликдан чиқиб кетишга ва одамларни ўзининг орқасидан етаклашига мадад берди. Агар биз ўзимизни яқинларимизга бағишлашни хоҳламасак, биз юқоридан белгилаб берилган хизматни ато эта олмаймиз. Бунга ўхшаш хизмат бизни одамларга ўз севгимизни ва вақтимизни намоён қилишни, уларга нисбатан меҳр-мурувватли бўлишимизни ва ўз ишимизга содиқ қолишимизни талаб этади. Бундай хизмат ўзимиз учун ҳеч нарса қолдирмай, ҳаммасини бошқаларга бағишлашга даъват қилади. Биз ўзгаларга хизмат қилишимизни ва бошқалар қачон бизга хизмат кўрсатишларини кутиб ўтирмаслигимизни Худо хоҳлайди. Исонинг таълимотига биноан, ўзини катта деб билмоқчи бўлган одам хизматкор, қул бўлиши керак. Ўзгаларга хизмат қилиш бизнинг ҳаёт мазмунимизга айланиши керак. Хизмат қилиш маъносини кўза ва челак мисолида кўрсатиб ўтиш мумкин. Кўз олдингизга жуда қимматбаҳо, айтайлик, минг доллар турадиган бир кўзани келтиринг. Бу кўза ҳамманинг кўзи тушиб турадиган пештахтадан ўрин олган. Меҳмонга келган ҳар бир кимса уни кўриб: “Эвоҳ, нақадар гўзал мўъжиза!” деб, ҳайратга тушади. Ана энди кўз ўнгингизга одамларнинг чанқоғини босиш учун сув келтириладиган етти литрли оддий бир челакни келтиринг. Хизмат қилишда ҳам биз худди шундай ҳолатни кўришимиз мумкин. Кимдир диққат марказида бўлишни, ўзининг чиройидан гердайишни ва мухлисларнинг ҳайратланувчи нигоҳларини овлашни хоҳлайди. Яна кимдир эса ўзини ўйлашдан халос бўлиб, севгига тўлиб тошади ва бошқаларга хизмат қилиш учун “челакка” айланишга қарор қилади. Биз қора ишлардан қўрқмаслигимиз керак. Биз қийинчиликлар ва муаммолардан ўзимизни олиб қочмаслигимиз лозим. Биз енгиларимизни шимариб, ишга киришишга тайёр туришимиз даркор. Биз қурбон бўлишга тайёр туришимиз керак. Биз бошқалар учун азоб чекишга доимо тайёр бўлишимиз ниҳоятда зарур. Қийинчиликларсиз ва азоб-уқубатсиз руҳий етукликка эришиб бўлмайди. Ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр турмасдан ёки буни истамасдан юқоридан белгилаб қўйилган хизматни бажариб бўлмайди. Бироқ қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтиб, биз хурсандчилик ва шодликни ҳис қиламиз – Худо биз билан бирга эканига, Раббий бизда ва биз орқали ҳаракат қилаётганини, Худованд биздан мамнун эканидан хурсанд бўламиз. Ҳа, менинг азиз биродарларим, бундай хурсандчиликка ҳеч нарса тенг кела олмайди. Мусонинг хизмати осон кечмади. Фиръавннинг ҳузурига келиб, Миср учун белгиланган навбатдаги фалокатни эълон қилиш учун катта жасорат, қатъийлик лозим бўлди. Миср қўшинининг яқинлашиб келиб қолганини била туриб, исроилликларни бошлаб бораётган Мусо Қизил денгиз соҳилига келди ва нариги томонга ҳеч қандай ўтиш йўли йўқлигини кўрди. Шунда ундан юксак ишонч талаб қилинди. Шунингдек, норози ва қайсар Исроил халқини доимий равишда бошқариб туриш учун ҳам Мусодан метиндек ирода ва сабр-тоқат талаб этилган. Агар Мусо азоблар ва машаққатлар йўлини сабр билан босиб ўтмаганида эди, Худо Мусога даъват қилган хизматни у ҳеч қачон бажара олмас эди. Агар биз Худо олдида итоат қилмасак ва Унинг айтганларини камтарлик билан бажара олмасак, биз ҳеч қачон бирор катта ишни амалга ошира олмаймиз. Биз яна бир бор ўз кучимиз билан навбатдаги вазифани бажаришимиз учун, Худо бизга махсус хизматни ишониб топширмайди. Асло йўқ! Биз ўз ҳаётимизни доимий равишда, ҳар бир янги кунимизни Унга бағишлашимизга Худо бизни даъват этади. Биз ҳар бир нарсада Худога тўлиқ итоат этишимиз ва тамомила фақатгина Унга содиқ бўлишимиз керак. Кунларнинг бирида кимдир шундай деган: “Қутқарилганим менга кифоя. Энди эса бир амаллаб жаннат дарвозаларига етиб борсам бўлди”. “Уни қаранг-а! – деб ўйладим мен. – Нақадар талофатли адашиш!” Худо бизни фақатгина Самовий Шоҳликка “бир амаллаб етиб олишимиз” учун қутқармайди. Биз руҳан етук ва комил инсон бўлиб, Унинг барча орзу-истакларини намоён бўлишида Худога ёрдам беришимиз учун У бизни қутқаради. Бизга ёқимли қисми шундан иборатки, юқоридан махсус белгилаб берилган хизмат бизнинг ҳаётимизни жозибадор, тасвирлаб бериш қийин бўлган ҳис, ўзгача маъно ва мақсад билан тўлдириб бойитади. Кўплаб одамлар бутун ҳаётлари давомида ўзларига битта савол берадилар: “Мен нима учун яшаяпман?” Агар сиз Худо томонидан азоб-уқубатга дучор қилиниб, У сизга шифо берганини ва руҳан етукликка эришишингиздаги Унинг беқиёс ёрдамини англаган бўлсангиз, демак, сиз бу саволга қандай жавоб бериш кераклигини биласиз. Биз Худо Ўзининг шон-шуҳрати йўлида биздан фойдалана олиши учун туғиламиз! Худо бизни махсус хизмат йўлига даъват этиши, бу йўлда бутун инсониятга нисбатан Ўзининг иродасини амалга ошишида ёрдам беришимиз учун биз яшаймиз. Биз Худодан марҳаматлар олиш ва атрофдагиларга марҳаматли бўлиш учун яшаймиз. Агар биз ўз мақсадимизни англаб, уни бажаришга интилсак, эрталабдан ҳеч кимга бизни уйғотишнинг зарурати қолмайди. Худо бизнинг олдимизга қўйган мақсадларга етишиш учун биз янги кунни интизорлик билан кутамиз. Қўйган ҳар бир қадамимиз бизга шодлик ва Худонинг ишини янада кўпроқ бажариш истагини олиб келади. Қандай самараларга эришишимиз ҳақида эса Худонинг Ўзи ғамхўрлик қилади. Бироқ биз азоб-уқубатлардан, дард ва алам йўлидан ўтишга, ўзгаришни бошлаб етукликка эришишга рози бўлишимиз жуда зарур. Худо биздан тўлиқ фойдаланиши учун, аввалам бор, биз фақатгина Унга тегишли эканимизни У билиши керак. С новой страницы 7 – боб ТОР-МОР БЎЛИШ ЖАРАЁНИ Тор-мор бўлиш жараёни Худонинг нуқтаи назарида – бу ниҳоятда маълум бир йўлга қўйилган жараён. Бу жараёнда фақатгина хаосни, яъни тартибсизликни кўрамиз: биз дард ва алам, оғриқ, иккиланиш ва кўнгил совушни ҳис қиламиз. Бироқ Худо ҳаётий шарт-шароитларга бундай муносабатда бўлмайди. Биз билан нимадир юз беришидан анча олдин бизда қандай ҳаракатлар бўлишини Худо жуда яхши билади, У Ўз хоҳиш-иродасини шу ҳолатлар орқали амалга ошишига ҳаракат қилади. Худо ҳеч қачон тор-мор бўлиш жараёни устида Ўз назоратини йўқотиб қўймайди. Бунга мисол тариқасида ҳаворий Бутруснинг ҳаёти яхши хизмат қилиши мумкин. Унинг ҳаётининг энг машҳур эпизоди – бу Исонинг хочга тортилишидан олдин юз берган воқеа. Ўша кеча Бутрус ҳибсга олинган Масиҳ билан Гефсемания боғидан чиқиб то олий руҳонийнинг уйига етиб боргунча бирга бўлган. «…Улар уйнинг ҳовлисига кириб келганларида, олий руҳонийнинг оқсочларидан бири Бутрусга тикилиб қаради-да, деди: “Бу одам ҳам У билан бирга бўлган”. Лекин Бутрус у аёлга: “Эй синглим, мен Уни танимайман!” – деб инкор этди. Бир оздан кейин бошқа бир одам Бутрусни кўриб: “Сен ҳам улардан бирисан-ку!” – деди. Лекин Бутурс унга ҳам: “Эй биродар, мен улардан эмасман!” – деди. Бирон соат ўтгандан сўнг яна кимдир: “Ҳақиқатан бу одам ҳам У билан бирга бўлган, асли у ҳам жалилалик”, - деди комил ишонч билан. Лекин Бутурс: “Биродар, ўзи нима деяпсан?” – деди унга ҳам. Шу заҳоти, у гапини тугатмасданоқ, хўроз қичқирди. Раббимиз Исо Бутурсга қайрилиб, унга кўзини тикди. Шунда Бутрус Раббимизнинг унга: “Бугун хўроз қичқирмасдан, сен Мендан уч марта тонасан”, - деган сўзини эслади. Ва ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади» (қаранг: Луқо 22:54-62). Бутурс ўзгача инсон бўлган. У ниҳоятда қобилиятлилиги билан бошқалардан ажралиб турар эди. Муқаддас Китобда Бутрус бошқа ҳаворийларга қараганда, анчагина кўпроқ эсга олинади. У ҳақда Ҳаворийлар Фаолияти Китобида, шунингдек, Хушхабарларда кўп айтилган. У бошқарувчиларнинг ичида бошқарувчиси бўлгани аниқ. Ёқуб ва Юҳанно сингари Бутрус ҳам Исонинг яқин одамларига тегишли бўлган. Исо ҳаётининг энг мушкул вазиятларида Унинг ёнида ҳозир-у нозир бўлган эди. Бутрус – очиқ кўнгил, иродали, шижоаткор ва жисмонан бақувват балиқчи бўлган. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Бутрус шунингдек, манман ҳам эди. Бу ҳолда ўз-ўзидан савол туғилади: нега энди Исо Бутрусга ўхшаган балиқчини шогирдликка олди? Гап шундаки, Исо Бутрусни Худо сизни ва мени танлагани сингари танлаб олган – У биз нимага қодир эканимизни кўради. Масиҳга ўхшаш қобилиятимиз ва интилишимиз борлиги учун Худо бизни танлайди. Исо Бутрусни танлаб олди, чунки У Бутрус орқали ҳаракат қила оладиган одамни топганига ишонган. Бутурсни танлар экан, Исонинг ўзгача мақсади бор эди – У Ўзининг танлаганини махсус хизматга тайёрлар эди. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда бўлгани сингари, Бутруснинг ҳаётида ҳам азоб-уқубатга учраш, тор-мор бўлиш ва ўзгариш жабҳаларида бўлган. Исо Бутруснинг ҳаётида кескин равишда ҳаракат қилишга қарор қилди ва бир куни деди: “Мен сенинг исмингни ўзгартираман”. Бутрусга янги исм берар экан, Исо Симон билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани чилпарчин қилди – ахир Исо Бутрусни шогирдликка чорламасдан олдин уни айнан шундай деб аташарди. Шундай қилиб, балиқчи Симон ҳаворий Бутрусга айлана бошлади. Бизнинг ҳар биримизнинг ҳаётимизда юз бергани сингари, Бутруснинг ҳаётида ҳам тор-мор бўлишнинг тўртта асосий қисми мавжуд бўлган. ХУДОВАНД ТОР-МОР БЎЛИШ ЖОЙЛАРИНИ ТАНЛАЙДИ Бизнинг ҳаётимизда Худо ҳар доим тор-мор қилинадиган нарсани излаб топади. Бизларнинг ҳар биримизнинг ўз заиф ва кучли томонларимиз мавжуд. Кўпинча биз ўзимизни ниҳоятда кучли деб ҳисоблаган жабҳаларда Худо бизни пасайтиради. Нима учун? Чунки биз ўз шахсий кучимизни ҳис қилган пайтда, Худонинг биздан ҳам устун эканини асло тан олгимиз келмайди. Биз ўзимизнинг ожизлигимизни англаб олганимизда эса, Раббийга шундай сўзлар билан мурожаат қиламиз: “Эй Худованд, бу масалада мен заифман, шунинг учун Сен менинг қалқоним бўлгин. Мободо, биз ўзимизни ўз фикримизга кўра кучли ҳисоблагудек бўлсак, шундай деймиз: “Буни бажариш ўзимнинг қўлимдан келади”. Шундай қилиб, биз ёрдам ва маслаҳат сўраб Худога мурожаат қила олмаймиз. Масалан, иқтидорли ва қобилиятли тарбиячи ёки воиз якшанба кунги мактабдаги дарсларга тайёргарлик кўришда ёки жамоатда ваъз қилишда, Худодан ёрдам сўрамаслиги мумкин. Агар ҳеч дарс ўтмаган ёки катта аудитория олдида нутқ билан ҳеч чиқмаган бирор кимсага дарс олиб боришни ёки чиқиш қилишни илтимос қилгудек бўлсак, ишончимиз комилки, бу одам ёрдам сўраш учун Худога юзланишга шошилади. Ҳар биримиз одатларимизга ва дунёга нисбатан ўз нуқтаи назаримизга эгамиз. Агар одатларимиз ва қарашларимиз Худонинг иродасига тўғри келмаса, Худо уларни ўзгартиришни лозим топади ва ҳаракат қилади. Айнан шу жойларни Худованд тор-мор қилади. Масалан, Худо ҳар доим бутпарастликка, қизғончиқликка, ҳар қандай тобеъликка ва ирқий ақидапарастликка қарши чиққан. Бизларнинг ҳар биримизнинг ўз хоҳиш-истакларимиз бор. Аммо биз бирор истакни Худо билан ўзаро муносабатларимиздан юқори даражада устун қўядиган бўлсак, бундай истак тор-мор бўлиш жойига айланади. Эҳтимол, шунга ўхшаш истакларимизнинг мавжудлигини бизнинг тан олишимиз қийин бўлса керак. Ана шунда ўзимиздан ўзимиз сўрашимиз керак: “Мен кўпроқ нималар ҳақида орзу қиламан?” Орзу-умидларимиз мавзуси худди шундай жой бўлишига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Агар шундай ўй-фикрлар Худони ва Унга хизмат қилиш кераклигини унутилгудек қилиб бизни ўз гирдобига тортса, Худо албатта аралашади. Ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида У билан бизнинг ўзаро муносабатларимизга хавф туғдираётган ёки хавф солмоқчи бўлган нарсаларни йўқ қилиб ташлайди. У биз учун қадрли бўлган ёки севгимиз сабабига айланган нарсалардан бизни маҳрум қилганда, биз кўпинча тушкун аҳволда қоламиз. Бироқ Худо носоғлом ҳолатларни келтириб чиқарадиган омиллардан бизни маҳрум қилади. Гап биз кимгадир ишонишимизни ёки ниманидир севишимизни Худо хоҳламаслигида эмас, йўқ! Гап шундаки, биз кимнидир Худодан кўра кўпроқ севишни ёки Унгадан кўра кимгадир кўпроқ суянишни хоҳлаймиз. Муқаддас Ёзувда “Раббийнинг рашки” деган ибора бир неча бор қайтарилаверади. Унинг рашки бизнинг хоҳиш-истакларимизга, ҳис-туйғуларимизга, бизнинг севган нарсаларимизга ва ўз вақтимизни нималарга бағишлаганимизга қарши қаратилган. Худо Устунлик албатта Худо тарафида бўлишини хоҳлайди. Рашк – бу аслида қонунан бизга тегишли бўлган истакни қўриқлашга бўлган интилишдир. Эр хотинини бошқалардан рашк қилиб қизғониши мумкин, чунки қонунга кўра хотин унга тегишлидир. Худди шу сингари, ўз навбатида аёл ҳам эрини рашк қилиши мумкин. Кимдир бизга тегишли бўлган нарсаларни тортиб олмоқчи бўлганда, биз рашк қиламиз. Ҳасад эса аксинча, бу бизга тегишли бўлмаган нарсаларга қаратилади. Бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни истаганимизда, биз ҳасад қиламиз. Биз Худога тегишлимиз. У – бизнинг Яратувчимиз, биз эса – Унинг ижодимиз, Унинг фарзандларимиз. Нимаики бизнинг диққат-эътиборимизни жалб қиладиган бўлса ва бизнинг ҳаётимизда Унинг ўрнини эгаллашни бошласа, У ҳаммасига бизни рашк қилади. Раббий биз тўлиқ Унга суянишимизни хоҳлайди. Худо бизни ҳеч нарса Ундан айирмаслигини истайди. Худо бизнинг ҳаётимиздаги ҳаммасини – ҳаттоки биз учун қимматли ва қадрли бўлган нарсаларни ва Унинг севгисидан бизни айириб, У билан бизнинг ўртамизда пайдо бўлган тўсиқни бузади, вайрон этади ва йўқ қилади. Худованд нимани нишонга олмоқчи бўлганини биз ҳар доим биламиз. Ишончим комилки, ушбу сатрларни ҳозирда ўқир экансиз, сизнинг ҳаётингиз ҳақида нималар дейиш мумкинлигини англаб етгандирсиз: “Худо ҳаётингиздаги рўй бераётган ҳолатларга индамай қараб тура олмайди ва уларни тор-мор қилиш режасини У аллақачон белгилаб қўйган. Худо ва бизнинг ўртамизда пайдо бўлган қандай тўсиқлар Худонинг Руҳини бизнинг ҳаётимизда тўлиқ намоён бўлишига ҳалақит берувчи омилларни биз яхши биламиз. Биз шунингдек, Масиҳ тўғрисида гувоҳлик беришимизга ёки гуноҳ устидан ғалаба қозонишимизга нималар тўсиқ бўлаётганини ҳам биламиз. Бутун диққат-эътиборимизни нималар ютиб юбораётганини, дунёқарашимизни ва онгимизни нималар захарлаётганини, ёки аниқ фикрларимизда қандай қарама-қаршиликлар мавжудлигини биламиз. Албатта, буларни Худо ҳам билади. Бироқ бизга қараганда, Худо жуда ҳам узоқни кўра олади. Исо Бутруснинг ҳаётидаги бир нечта муаммоларни кўрган. Биз Матто баён этган муқаддас Хушхабарнинг 14-бобида Исо субҳидамда қайиқда ўтирган шогирдларининг олдига сувнинг устидан юриб боргани ҳақида ўқиймиз. Шогирдлар Исонинг кўл устида юриб келаётганини кўриб, даҳшатга тушдилар. Шунда Бутрус деди: “Ё Раббим, агар бу Сен бўлсанг, менга буйруқ бер, мен сув устида юриб Сенинг ёнингга борай!” Исо жавоб берди: “Кел!” Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устидан юрганича Исонинг ёнига йўл олди. Лекин кучли шамолни кўриб қўрқиб кетди. Ўтакаси ёрилиб, у чўка бошлади ва шундай деб бақирди: “Ё Раббим, мени қутқар!” (Матто 14:22-30). Бутрус табиатан ўзгарувчан ва таъсирчан эканини, дам ишонч-эътиқодга тўлишини, дам эса ваҳимага тушишини Исо яхши билар эди. Бутрус Унинг ортидан қатъий ишонч билан юриши учун, Худо бу қўрқув занжирларини узиб ташлаши керак эди. Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 16-бобида Исо Бутрусга ва бошқа шогирдларига Ўзининг Қуддусга бориши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уламолар қўлида азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклиги ҳақида ошкор айтганини ўқиймиз. «Бутурс Уни четга олиб таъна қила бошлади: “Худо хайрингни берсин, Раббим! Бу нарсалар Сенинг бошингга тушмас!” – деди. Исо эса Бутрусга қараб: “Йўқол кўзимдан, шайтон!” – деди. “Сен Мени йўлдан ураяпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан”» (Матто 16:21-23). Бутрус ҳамма нарсани Худонинг иродаси бўйича эмас, ўзбилармонларча бажаришни яхши кўрди. Исо Бутрусдаги бундай иллатни йўқ қилиш зарурлигини билар эди. Кунларнинг бирида Бутрус келиб Исога: “Раббим, - деди, - агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, мен неча марта уни кечирайин? Етти марта кечсам етадими?” Бутрус ўзича бениҳоят камтарлик қиляпман, деб ўйлар эди. Лекин Исо унга деди: “Сенга етти марта эмас, балки етмиш карра етти марта, деяпман” (Матто 18:21-22). Исо Бутурсни ўзбошимчаликдан қайтариб, унинг ўрнига беқиёс мурувват қилиш ва кечириш иқтидорини унга сингдириши кераклигини билар эди. Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарнинг 13-бобида, Исо қандай қилиб Бутруснинг оёғини ювмоқчи бўлгани ҳақида ҳикоя қилинади. Исо Симун Бутруснинг олдига келди. “Раббим, наҳотки Сен менинг оёқларимни ювсанг?!” – деди Бутрус. “Мен ҳозир нима қилаётганимни сен билмайсан. Кейинчалик тушунасан,” – деди Исо унга жавобан. “Менинг оёқларимни икки дунёда ҳам ювмайсан!” – деди Бутрус. “Агар мен ювмасам, Мен билан улушинг бўлмайди,” – деди Исо. Исо Бутруснинг мағрурлигини тор-мор қилиш лозимлигини яхши билар эди. Матто баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 26-бобида Исо Ўз шогирдларига нималар дегани айтилган. «Исо шогирдларига деди: “Бу тунда ҳаммангиз Мендан юз ўгирасизлар. Чунки Тавротда шундай ёзилган: “Мен чўпонни жароҳатлайман, қўйлар ўзи тарқаб кетади”. Бироқ ўлиб тирилганимдан кейин, Мен сизлардан олдин Жалилага бораман”. Бутрус жавоб бериб Унга деди: “Агар ҳамма Сендан юз ўгирса ҳам, мен ҳеч қачон ўгирмайман!” – деди. Исо унга: “Сенга ростини айтсам, шу кечаёқ, хўроз қичқирмасдан аввал, сен Мендан уч марта тонасан,” деди. Бутрус Унга: “Мен Сен билан бирга ўлсам ҳам, Сендан асло тонмайман!” - деди» (Матто 26:31-35). Исога нисбатан ҳиёнат қилиш ҳақидаги башоратни Бутрус нотўғри ва ўзига тегишли эмас, деб ҳисоблади. Бутруснинг ўзига ишонувчанлиги тор-мор қилиниши даркорлигини Исо билар эди. Луқо баён этган Муқаддас Хушхабарнинг 22-бобида бир гуруҳ қуролланган аскарлар Исони ҳибсга олиш учун Гефсемания боғига келганлиги тасвирланади. Ўн икки ҳаворийдан Яҳудо исмлиси олдинда кетаётиб, Исога яқинлашди-да, Уни хиёнаткорона ўпди. Шундан сўнг Исо ҳибсга олинди. Бутрус Исони қутқаришга қарор қилди ва олий руҳонийнинг қаролини урди ва қиличини олиб қаролнинг ўнг қулоғини чопиб ташлади. Шунда Исо: “Етар, бас! – деди-да, қаролнинг қулоғига қўл тегизиб уни асл ҳолатига қайтарди”. Бутрус яна бир бор тор-мор қилинди. Бирин-кетин Исо Бутруснинг манманлигига, ўзбошимчалигига ва худбинлигига қарши ҳужум қилди. Бизнинг ҳаётимизда ҳам Исо худди шундай йўл тутади. Биз тўлиқ Худога ишонишимизга халақит берувчи омилларни У бизнинг ҳаётимизда ҳам излаб топади ва уларни йўқ қилади. ХУДО МАЪЛУМ ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТАДИ Тор-мор бўлишга олиб келадиган барча ҳаётий шароитлар тор-мор қилиш жойи сингари, тўлиқ Худонинг ҳукмидадир. Исо нима учун сувнинг юзида юрди? Маълум маънода У шундай вазиятни юзага келтирдики, токи унда Бутрус ва Унинг бошқа шогирдлари имон орқали қўрқувни енгишни ўргансинлар. Исо нима учун шогирдларининг оёқларини ювмоқчи бўлди? У юзага келган вазиятда, бу билан Исо Бутруснинг манманлигини, фақатгина ўзига ишонишини фош қилмоқчи бўлди. Шогирдлар Исодан воз кечишларини нима учун У башорат қилди? Эҳтимол, У Бутрус ўзининг такаббурлигини англай олиши учун шундай қилган. Шубҳасиз, барча бундай вазиятлар Бутрусга асло ёқмас эди. Қолаверса, Исо ҳар гал Бутруснинг манманликларини фош қилганида, У буни ҳамманинг кўз олдида, ошкора амалга оширар эди. Бутрус Исодан тонгани учун аччиқ йиғлади. Бутрус қаттиқ азоб чекди. Худога бўлган ишончи унга етишмаслигини, унинг ишончи қатъий эмаслигини англаб етиш ва Унга тўлиқ бўйсуниш лозимлигини тан олиш Бутрус учун ниҳоятда оғир эди. Агар биз Худога эмас, бошқа нималаргадир кўпроқ ишонсак, Худони эмас, бошқа нарсаларни чуқурроқ англашга ва қаттиқроқ севишга интилсак, хуллас, юқорида айтиб ўтилган вазиятларда қолсак, бу ҳолда бизнинг тор-мор бўлишимиз ошкора равишда юз беради. Худо бизни турлича йўллар билан тор-мор қилади. Баъзида У шундай қиладики, биз Унинг иродасини аниқ кўра бошлаймиз. Лекин баъзида эса, биз ўзимиз танлаган гуноҳ йўлидан юришимизга У ижозат беради. Ҳамма нарсада ўзимиз адашишимизга У йўл қўяди. Айниқса бу ўзгаларга қарши қаратилган гуноҳга тегишлидир. Бундай гуноҳ ҳар доим албатта фош бўлади. Фоҳишабозлик ва разолат, қўшмачилик ва тажовуз билан шуғулланаётган ҳар қандай одам охир-оқибатда гуноҳи очилганда, уялиб қолади ва азоб чекади. Кимки фирибгарлик йўли билан ўзгаларнинг пулини ўзлаштирса ёки уларни ишлатиб юборса, эртами-кечми албатта қамоқхонага тушади. Бундай ҳолатларда Худо қандайдир маълум бир вазиятларни юзага келтирмайди – одамнинг ўзи ўзига чуқур қазийди. Мен бир одамни билар эдим, у кимса ўзининг котибаси билан хотинига ҳиёнат қилиб юрди. Ҳаммаси фош бўлганда эса, у мушкул аҳволда қолди. Бу одам ҳар қандай вазиятни, ҳис-туйғуларни ва мартабада юқори поғоналарга кўтарилишни, хуллас, ҳаммасини бошқаришга ўрганиб қолган эди. Ўз ҳаётининг мутлақ танҳо назоратчисига айланиш мақсадида, у ўз фойдасини кўзлаб атрофдаги одамларнинг бошида юрар эди. Мана, бирданига у ҳамма нарсадан – оила, бола-чақа, эгаллаб турган юксак мартабали лавозимидан айрилди. Ҳамманинг кўз ўнгида унинг бутун ҳаёти чилпарчин бўлди. Худо бу одамнинг ҳаётида ҳаракат қилар эди. Эндиликда бу одам нафақат шаҳвоний хирсидан, балки ўз ҳаётини бошқаришга бўлган интилишдан воз кечиши керак. У Худонинг иродасига бўйсунгиси келмас эди. Унинг тор-мор бўлиши ошкора юз берди, чунки бу одамнинг бошқаларни менсимаслигини ва ўзининг хирсини қондириш мақсадида ўзгалардан фойдаланишини ҳамма билди, яъни барчага маълум ва оддий ҳол эди. Худо бизни тор-мор қилиш учун маълум шарт-шароитларни яратадими ёки ўзимизни ўзимиз барбод қилишдаги йўлимизни давом эттиришимизга имкон берадими - бундан қатъий назар, биз барибир шундай ҳолатга тушамизки, албатта Унга қуйидагича сўзлар билан мурожаат қилишимизга тўғри келади: “Яхши, Раббий. Мен ҳаммасини Сен айтгандек қиламан”. ХУДО ТОР-МОР ҚИЛИШ ВОСИТАЛАРИНИ ТАНЛАЙДИ Худо бизнинг ҳаётимизда тор-мор қилиниши зарур бўлган соҳаларни нишонга олади. У шунингдек, тор-мор бўлишга етакловчи омилларни ва ҳолатларни кўриб чиқади. Қолаверса, Худо тор-мор қилиш воситаларини ҳам танлаб олади, зеро айнан танлаб олинган восита ва усуллар ёрдамида у бизни синовдан ўтказади. Бизнинг тор-мор бўлишимиз ҳолатлари бизга қанчалик маъқул келса, ана шу воситалар ҳам шунчалик бизга ёқади. Агарда Худонинг мени тор-мор қилиши воситаларини танлаш имкониятим бўлганда эди, мен шундай деган бўлар эдим: “Раббий, илтимос, менга бир китоб бер ва мен тушуниб олишим керак бўлган омилларни тасвирловчи саҳифаларини менга кўрсат, - мен ҳаммасини ўқиб чиқаман ва инобатга оламан”. Аммо менинг ҳаётимда негадир Худованд ҳеч қачон бундай йўл тутмаган. Бундан ташқари, Худо ўткир эътироз билдирувчи ва сохта гувоҳлик қилувчи, ёки бўлмаса, хато фикрловчи ва ҳар қандай шарт-шароитда ўз фойдасини кўзловчи одамларнинг эътирозларини келиб чиқишига ҳам йўл қўяди. Баъзида Худованд мен учун асло чидаб бўлмасдек кўринган қийинчилик ва муаммолардан фойдаланган. Худо биз билан маслаҳатлашмай тор-мор қилиш усулларини танлайди. Чунки Унинг шундай имкониятлари бор. Худо бизни қачон ва қандай қилиб тор-мор этишини биз унга маслаҳат бера олмаймиз. Усул ва омилларнинг танлаш имкониятлари фақатгина Унинг қўлларидадир. Бу ҳолат эса бизга асло тобеъ эмас. Бир неча йил мобайнида Худо менинг танишларимдан бирининг тор-мор бўлиш жараёнини бошқариб борди. Бунинг учун Худо оммавий ахборот воситаларидан фойдаланди. Бу одамнинг айтган гаплари ва қилган ҳаракатлари мунтазам равишда барча оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиниб келинди. Журналистлар тил бириктириб, менинг ҳаётимни захарлашмоқчи шекилли, деб ўйлади танишим. Менинг фикримча, аслида бу Худонинг иши эди. Танишим ҳали ҳам гердайганича, ўзини паст олгиси келмай шундай дерди: “Хўп, ана шу газета ва журналлар нима ҳам қилиб берарди? Менинг шахсий ҳаётимга аралашишга, шунингдек, гапирган гапларимни ва қилаётган ишларимни муҳокама қилишга уларнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Бундай ўзбошимчалик ва каландимоғлик Худога хуш келмас эди. Сиз қуйидагича сўзларни айтишингиз учун, Худо сизнинг ҳаётингизда қандай воситани қўллаганини мен билмайман: “Эй Раббий, мен Сеникиман. Менга нима бўлса ҳам, мен фақатгина Сенга суянаман ва Сен нималарни амр этган бўлсанг, ҳаммасини бажараман”. Мен фақатгина катта ишонч билан қуйидагиларни айтишим мумкин: Унинг қуроли ҳар доим чақланган, у ҳар доим жароҳат етказади, бироқ унинг тиғидан беркинишнинг иложи йўқ. Сиз ундан қочиб кета олмайсиз. Худо ўзгартирмоқчи бўлган ҳаёт соҳасида сиз нимадир қилишингиз керак бўлади. Сиз ва сизнинг Худога бўлган тўлиқ ишончингиз ўртасидаги тўсиқни асло четлаб ўтиб бўлмайди. Ўлим шундай восита бўла оладими? Энди эса ниҳоятда эътиборли бўлишингизга тўғри келади. Сизнинг диққатингизни жалб қилиш учун Худо сизнинг яхши кўрганларингизни – турмуш ўртоғингиз ёки фарзандингизни олиб қўйиши мумкин, деб мен таъкидламайман. Кимлардир Худога қулоқ солишни бошлаши учун У бошқаларнинг жонини тортиб олишига мен ишонмайман. Баъзи-бир ҳолатларда ўз қариндош-уруғларидан айрилган одамлар Худога яқинроқ бўлиб қолишгани кузатилади. Бироқ кимлардир ва ниҳоят ўз иродасини Худонинг иродасига бўйсундириши учун, У бошқаларга ўлим юборишига мен ишонмайман. Нима учун? Чунки Худованд ҳар биримизни яхши кўради! Кимнингдир ҳаётини марҳаматлаш учун У бошқа одамнинг ҳаётини захарламайди. Қолаверса, ўлим - бу шайтоннинг сўнгги зарбаси ҳисобланади. Айнан шайтон ўлимни олиб келади. Худованд кимнингдир ўлишига йўл қўядими? Ҳа, бу Одам Ато ва Момо Ҳаво давридан қолган ва ҳозирга қадар сақланиб қолган лаънатнинг бир қисмидир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: “Зотан бир марта ўлиш ва ундан кейин ҳукм қилиниш инсонларнинг тақдиридир” (Ибронийларга 9:27). Шу билан бирга, Худованди Карим ўлимнинг ташаббускори эмас. У – ўлимдан қутқарувчидир. Исо – бизни йўқ қилувчи эмас, балки бизнинг Нажоткоримиздир. Чунки Исо Масиҳга ишонувчилар ўлимни лаънат сифатида қабул қилмайдилар. Бу Худонинг абадий Шоҳлигига ўтиш йўлидир. Яқинларимизнинг вафоти, албатта, бизни қайғуга солади. Чунки ўлим бизни севган яқин кишиларимиздан айиради. Аммо ўлим – масиҳий учун интиҳо эмас. Шундай кун келадики, биз яхши кўрганларимиз ва айрилганларимиз билан абадиятда бирга бўламиз. Ахир, Исо Масиҳ – ўлимнинг Ғолибидир. Исонинг ўлимдан тирилиши бизнинг тирилишимизга ҳам эшикларни очиб берди. Шундай қилиб, бизни тор-мор қилиш, кейин эса марҳаматлаш учун Худованд бошқаларга ўлим юборишига мен ишонмайман. Бироқ У биз учун қадрли бўлган нарсалардан, масалан, бирор киши билан бўлган дўстлигимиздан баъзида бизни айиришига мен ишонаман. Хуллас, шундай йўқотишлар амалда ҳар доим тор-мор бўлишнинг ибтидосига айланади. Гуноҳ шундай восита бўла оладими? Бизни тўғри йўлга солиш учун Худованд яқинларимизга ўлим юборишига ишонмаганим сингари, Худо бизни уқтириш учун яна кимларнидир гуноҳга бошлашига ҳам ишонмайман. Масалан, болани ёки унинг ота-онасини Худованд тўғри йўлга солиш учун, У болакайни наркотиклар қабул қилишга ўргатди, деб ҳеч қачон айтолмайман. Худованд гуноҳнинг ташаббускори бўла олмайди. У ҳеч қачон бизни гуноҳга бошламайди, бу шайтоннинг иши. Гуноҳ қилишга Худо бизни мажбурламайди, бизнинг ўз мустақил иродамиз бор: биз ё васвасага тушамиз, ёки васвасага қарши чиқамиз. Шу билан бирга, бизнинг ҳаётимизни яхши томонга ўзгартириши учун Худованд бизнинг ва яқинларимизнинг гуноҳларидан, заифликларидан ва итоатсизлигидан фойдаланади. Биз руҳан ўсишимиз учун, У ҳар доим ҳар қандай ҳолатларни қўллайди. Бизнинг тор-мор бўлишимиз атрофдагиларга ҳам таъсир қилади Бизнинг ҳаётимиз – демак, тор-мор бўлишимиз ҳам – одамлар орасида ўтишини биз эсда тутишимиз лозим. Тор-мор бўлиш алоҳида, яъни яккаликда юз бермайди, чунки биз кимсасиз оролда истиқомат қилаётганимиз йўқ. Худо бизни бўйсундирганда, азоб-уқубатга дучор қилганда бу атрофдаги одамларга ўз таъсирини кўрсатади. Шу жумладан, яқинларимизнинг тор-мор бўлиши ҳам бизларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Масалан, айтайлик, бир одамнинг ҳаётида ишга бўлган севги Худога бўлган севгидан устунроқ туради. Ана шунда бу одамнинг ҳаётида бизнесдаги муваффақиятсизликлар ёки яна бирор муаммолар орқали Худованд ҳаракат қилиб, уни камтар ва ювош бўлишга даъват этади, бундай ҳолат эса бу одамнинг оила аъзоларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бу одамнинг рафиқаси ҳам, болалари ҳам тор-мор бўлиш жараёнида тўғридан-тўғри иштирок этадилар. Бироқ Худованд уларнинг ҳаётини ўзгартириш учун ҳам албатта ҳар қандай вазиятдан фойдаланади. Тор-мор бўлиш жараёнида ҳеч нарса бирор мақсадсиз амалга ошмайди. Яқин одами тор-мор бўлиш жараёнига дуч келган ҳар бир кимса ўзининг руҳий ҳолатини янада яхшироқ кўришга имкон топади, қолаверса, у қанчалик ривожланаётганини ва Худога қанчалик ишонишини баҳолай олишига фурсат пайдо бўлади. Мен биринчи бобда нималар ҳақида сўз юритганим ишончим комилки, сизнинг эсингизда бўлса керак. Худованд раҳмсиз ёки қаҳри қаттиқ бўлгани учун бизни азоб-уқубатга дучор қилмайди. Худованд бизга азоб ва оғриқ етказишга интилмайди, ёки бирор салбий мақсадни кўзламайди. Худованд бизнинг диққат-эътиборимизни жалб қилиш ва ҳаётимизнинг баъзи бир соҳаларига таъсир кўрсатиш учун бизни тор-мор қилади ва азоб-уқубатларга дучор этади, чунки айнан шу соҳаларда биз катта муваффақиятларга эришишимизни У бизга олдиндан белгилаб берган. Бизнинг душманларимиз тор-мор бўлишимиз воситаси сабабчиси бўла оладиларми? Бизни тор-мор қилишда Худованд қўллайдиган нохуш “асбоблардан” бири бу бизнинг душманларимиз ҳисобланади. Ҳа, баъзида Худо қувғин қилишдан фойдаланади. У бизнинг диққат-эътиборимиз то Унга қаратилганини кўрмагунча ва Унга тўлиқ итоат этишимизга амин бўлмагунча, у душманларимизга бизни қувғин ва зулм қилишига имкон бераверади. Душманларимиз бизга хужум қилмасликлари учун биз ибодат қиламиз. Биз Худога шундай деб мурожаат қиламиз: “Худованд, нима учун мен билан бундай хол юз бераяпти? Нега Сен бу одамни тўхтатмадинг? Нега мени душманларимдан ҳимоя қилиб асрамайсан?” Шу вақт мобайнида Худованд бизни азоб-уқубатга учрашимизга имкон яратади. Нима учун? Чунки Худованд бизни айнан шу ҳолатга солгандагина, биз Унга таянишимиз мумкин. Агар кимдир мунтазам равишда жаҳлингизни чиқарса, эҳтимол, ҳар доим устингиздан кулиб сизни калака қилса, сиз билан жанжаллашса ёки сиз ҳақингизда ёлғон гапларни гапирса, сиз Худодан шундай деб сўранг: “Раббий, Сен мени нимага ўргатмоқчисан? Менда Сен нималарни ўзгартирмоқчи бўлганингни илтимос қиламан, менга кўрсат!” Кўпинча, Худо бизда нималарни ўзгартирмоқчи бўлганини, нималарга бизни ўргатмоқчи бўлганини бизга ниҳоятда тез намоён қилади. Биз бир нарсани англаб олишимиз лозим: Худо душманларимизни эмас, бизнинг қалбларимизга кириб келишни истайди! Сиз бунга амин бўлишингиз мумкин: айнан Худо сизни азоб-уқубатга дучор қилаётганини сиз англаб етганингизда, сизнинг барча душманларингиз ўзларини сиздан олиб қочаётганини кўрасиз. Аммо сиздан илтимос қиламан, яна бир нарсага диққат-эътиборингизни қаратинг: мен бизнинг душманларимиз ҳар доим ҳақ, деб асло айтмоқчи эмасман. Улар Худога ва бизга қарши ҳаракат қилишлари мумкин. Қолаверса, душманларга нисбатан бизнинг совуқ муносабатда бўлишимиз – нотабиий ва ўринсиз ҳолат, деб ҳам айтмоқчи эмасман. Мен фақат шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, бизнинг ҳаётимизда қандайдир эзгу ҳолатлар пайдо бўлиши учун бизни тор-мор қилишда, яъни азобларга йўл қўйиш воситаси сифатида Худо ҳаттоки бизнинг душманларимиздан ҳам фойдаланмоқчи бўлади. Худованд Ўз мақсадига етишиши биланоқ, сўнгра Унинг диққат-эътибори бизнинг душманларимизга қарши қаратилади. Агар зарурат туғилса, Худо албатта душманларимизни қилмишига яраша жазолайди. Бунга ишончимиз комил бўлиши керак. Римликларга мактубда (12:19) шундай дейилган: «Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: “Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман, - дейди Худованд”». Бизнинг оиламиз тор-мор бўлишимиз омили бўла оладими? Оила – бу биз учун омиллар орасида энг оғриқли воситалардан биридир. Чунки бизни Исо Масиҳдай қилишда Худо бу восита ёрдамидан фойдаланади. Бизни покланишимиз ёки тўғриланишимиз учун, Худонинг турмуш ўртоғимиз ёки рафиқамиздан фойдаланиши бизга асло ёқмайди. Фарзандларимиз бизга қулоқ солмай камчиликларимизни юзимизга айтишганда, ёки биз Раббийга қулоқ тутмаётганимизни очиқ-ойдин гапиришганда, албатта бундай ҳолат бизга ёқмайди. ХУДОВАНД ТАЪСИР ЭТИШ КУЧИНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ Худонинг Ўзи мақсадни белгилайди, шарт-шароитларни кўриб чиқади ва бизни тор-мор қилиш воситаси сифатида танлаб олади. Унинг Ўзи бу воситанинг таъсир этиш кучини назорат ҳам қилади. Биз қандай юкни кўтара олишимизни ва бажаришимизни У жуда яхши билади. Бизни тор-мор қилиш учун зарур бўлган босим даражасини ҳам У билади. Худо тор-мор қилиш чегарасини ўрнатади. Шунингдек, тор-мор қилиш вақти қанчалик давом этиши, биз бошимиздан ўтказишимиз керак бўлган азоб-уқубатлар ва дард-аламлар меъёри ҳам У томондан белгиланади. Ҳа, бизнинг ҳаётимизга йўл қўйилган ташвишлар ўлчовини Худо тайин қилади. Қўйилган икки шартлардан бири бажарилганда, Худованд тор-мор қилиш жараёнини якунлайди: Биринчиси: бизнинг иродамиз букилган, биз Худога итоат этамиз. Агар биз ўз иродамизни тўлиқ Худонинг иродасига бўйсундирсак, барча шарт-шароитлар ўзгаради ва бизга У таъсир кўрсатган восита ва ноўрин ҳолатлар ҳаётимиздан йўқ қилинади. Иккинчиси: таъсир этиш кучи ҳалокатли бўлиб, Худонинг бизга нисбатан кўзлаган мақсадларининг бажарилишига ҳалақит бериши мумкин. Худо биз учун олдиндан белгилаган хизматни олиб боришимизга лаёқатдан маҳрум қиладиган даражада ташвишлантирмайди. Чунки бу қарама-қарши натижаларни келтириб чиқариши мумкин. Худо бизни йўқ қилишга интилмайди, У бизни нималаргадир ўргатишни ва тайёрлашни хоҳлайди. Худога бўйсунмаслик - тор-мор бўлиш жараёнини узайтиради, холос Агар Худо бизни тор-мор қилмоқчи бўлганда, биз Унга қарши чиқадиган бўлсак, бундай ҳолат бизнинг вазиятимизни янада кескинлаштириши мумкин. Ва аксинча, агар биз Худонинг иродасига бўйсунсак, тор-мор бўлиш жараёни тезроқ якун топади. Шундай қилиб, биз бу жараённинг чўзилишига таъсир кўрсатишимиз мумкин. Тор-мор қилиш жойини биз белгиламаймиз, ҳаётий шарт-шароитларни биз яратмаймиз ва тор-мор қилиш воситасини ҳам биз танлаб олмаймиз. Бироқ биз таъсир этиш кучига ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатишимиз мумкин. Қандай қилиб? Худога хоҳлаб ёки хоҳламай итоат этиб. Худо бизнинг ҳаётимизда нималар қилишга интилаётганини қанчалик тез англасак, биз учун шунча яхши бўлади. Биз тор-мор бўлишга қарши чиқишга интилганимизда, Худонинг бизга нисбатан таъсир кучини янада кучайтиришига тўғри келади. Агар инсон узоқ муддат мобайнида Худога қарши чиқса, у ўлмайди, у фақатгина назардан четда қолади. Ҳеч ким бундай инсонга эътибор қилмайди. Унга ҳеч ким муҳтожлик сезмайди. У руҳий ўсишдан тўхтайди. Ва хавфли ҳолатда қолаверади. Кунларнинг бирида бир аёл менга шундай гаплар билан мурожаат қилди: -Худо чиндан ҳам хизматда мендан фойдаланганига бир неча йиллар бўлди. Олдинлари мен жамоатда жуда фаол хизмат қилар эдим, сўнгги пайтларда эса ишлар бир четда қолиб кетди. Раббий менинг хизмат қилишимни хоҳлайдими? Мен ундан сўрадим: -Худо сизнинг ҳаётингизда ниманидир ўзгартиришни истаганини сиз қачон чин кўнгилдан ҳис қилгансиз? Аёл жавоб берди: -Э-э, Раббий қачонлардир буни истаганини билмадим ҳам. Мен сўроққа тутишни давом эттирдим: -Сизнинг ҳаётингизда жиддий вазиятлар – ҳис-туйғуга тўла, руҳий ёки ҳаттоки жисмоний муаммолар юз берганми? Бундай муаммолардан ўзингизни қўярга жой тополмаганмисиз? Аёл деди: -Ҳа, ҳаммаси ўтиб кетди, вақт олий ҳакам экан. Шунда мен сўрадим: -Ана шу муаммолар туфайли сизнинг ҳаётингизда бирор ўзгариш бўлдими? -Йўқ, - жавоб берди аёл. – Мен ниҳоятда матонатли инсонман. Мен ҳеч нарсани ўзгартирмадим, чунки менинг ўз қонун-қоидаларим бор. Ана шунда мен унга дедим: -Эҳтимол, ҳамма муаммо ана шундадир. Раббий сизни бошлаётган руҳий ўсиш йўлини кўрмас экансиз ва уни қабул қилмас экансиз, У сизга бирор хизматни ишониб топширмайди. Худо сизни шунчалик севдики, У сизнинг ўзгаришингизни истайди. У Сиз ўзгариб, Исо Масиҳга ўхшашингизни хоҳлайди. Худо сиз учун буюк келажак ҳозирлаб қўйган, бироқ сиз ўсиб-улғайиш ва ўзгаришга қаршилик кўрсатсангиз, У сизнинг ҳаётингизга нисбатан Ўзининг барча мақсадларини амалга ошира олмайди. Тор-мор бўлган, аммо йўқ қилинмаган Худованд бизни тор-мор қилар экан, У бизнинг руҳимизни эмас, балки хоҳиш-истагимизни бўйсундирмоқчи бўлади. Унинг мақсади – бизни йўқ қилиш эмас, балки шифо топишга ва руҳий етукликка етаклашдир. У ҳаётимиз устидаги назоратни биз Худонинг ихтиёрига топширишимизни истайди. Мен, Бутрус ўз ҳаёти устидаги назоратдан воз кечишни асло хоҳламаган, деб ўйлайман. Унинг оёқларини ювиш керакми ёки йўқми, Бутруснинг ўзи ҳал этишни истаган. Исо чиндан ҳам сув устидан юраётганига Бутруснинг ўзи ишонч хосил қилмоқчи бўлган. У Исо Ўзини қандан тарзда Мессия этиб эълон қилишини ҳаммадан ҳам Бутрус яхши биламан, деб ўйлаган. Биз ҳаммамиз Бутрусга ўхшаб кетамиз. Бизларнинг ҳар биримиз бошқариш жиловларини кучимиз борича ўзимиз тутишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар доим ўз айтганларимизни исботлашга ва шундай қилишга интиламиз. Тор-мор қилиш жараёни туфайли Худо бизни шундай ҳолатга олиб келадики, биз нафақат ўз гапимизни тасдиқлашга ожизлик қилиб қоламиз, балки Унга шундай деб мурожаат қилишдан бошқа чора топа олмай қоламиз: “Раббий Исо, энди мен нима қилишим керак?” Бутрус чин юракдан қуйидагича гапларни айтиши учун уч йил керак бўлди: “Ҳа, Раббий Исо, Сен менга нима десанг, мен ҳаммасини бажаришга тайёрман; Сен менинг ким ва қандай бўлишимни айтсанг, шундай бўламан. Мен ҳаммасини Сенинг ихтиёрингга топшираман”. Исо хочга тортилгандан кейин Симон Бутрус яна балиқчилик билан шуғуллана бошлади. Исо уни кўл бўйидаги соҳилда учратди ва Бутрусдан сўради: “Бутрус, сен Мени яхши кўрасанми?” Исо уч марта бу савол билан Бутрусга мурожаат қилди ва у уч марта шундай жавоб берди: “Ҳа, Раббий, мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан!” Исо Бутрусга ниҳоятда ўзгача топшириқ берди: “қўйлар”га, яъни чўпонга муҳтож бўлган Ўзининг издошларига ғамхўрлик қилишни буюрди. Ва ниҳоят, Бутрус Худонинг иродасига тўлиқ бўйсунди. Раббий унга махсус хизматни инъом қилди, Эллигинчилар кунида эса унга бундай хизмат учун куч ва қудрат ато этди. Сал кейинроқ Бутрус нима деб ёзганини тингланг: “...Худо мағрурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир...” (1 Бутрус 5:5). Ўз мактубида у Ҳикматлар Китобидаги оятдан жумла келтирган (қаранг: Ҳикматлар 3:34). Бу сўзларнинг маъносини Бутрус жуда яхши тушунган. Муаллифи номаълум бўлган қуйидаги шеърий асар Бутрусга, қолаверса, сиз ва бизга яхши таниш бўлган тор-мор бўлиш жараёни ҳақида ҳикоя қилади: Худо кимнидир ақлини киритишни истаса, Уни руҳлантириб Фақатгина рол ўйнашни эмас, балки Барча нарсага ўргатишни хоҳлаганда, Худо бутун борлиғини унга беришни Чин дилдан истайди. Токи дунё завқ олсин, - Унинг сўзларига қулоқ тут, Унинг ишларини ўрган! Худо кимни танлаган бўлса, У нақадар мукаммал ва баркамолдир, Абадият томонидан танлангандир у! Худо уни сиқади, Эзади ҳар дам. Танлаганини уриб, фақат Ўзига таниш бўлган Ажойиб шакл ясайди У! Инсон қалби нола қилса ҳам, У қўлларини самога чўзар! Эгилади, бироқ синмайди у, Токи Худо ортидан боришни истар экан у. Худо кимни танлаётганини Мукаммал билар, Ўз қўйган мақсадига - Албатта эришар. Инсон Унинг порлашини англаши учун, Кўплаб йўлларни У танлаб олади, - Барча Ўз ҳаракатларини, Унинг Ўзи билади. Худо бизни тор-мор қилиш жараёнига чорлар экан, У хато қилмайди. Бизни тор-мор қилиш учун ҳаётимизнинг қайси соҳалари ўзгаришга муҳтож эканини ва бу учун қандай воситалардан фойдаланиш кераклигини У яхши билади. Шунингдек, У биз қандай синовлардан ўта олишимизни ҳам билади. У бизнинг малакамизни оширишни ва такомиллаштиришни хоҳлайди. Хушхабар эса шундан иборатки, Худо ҳар доим биз учун энг зўр нарсаларни амалга оширишни истайди. Биз фақатгина уларни амалга ошириши учун Унга имкон берсак кифоя. С НОВОЙ СТРАНИЦЫ 8 – боб ТОР-МОР БЎЛИШГА ҚАРШИ БИЗНИНГ ИСЁНИМИЗ Бугунги кунда кўпчилик, Худодан қочиб қутулиш, Унинг амрларини инкор этиш, Унинг даъватига қарши чиқиб, мустақил яшаш мумкин, деб ўйлайди. Бундай одамлар Худонинг жазосидан қочиб, гуноҳ қилишни давом эттиравериш мумкин, деб тасаввур қиладилар. Бироқ улар катта хатога йўл қўядилар. Худога қарши қаратилган эътироз учун товон тўлаш керак бўлади. Қарши ҳаракат руҳи фақатгина иштирокчиларни, айтайлик, намойиш ёки террор қатнашчиларини, ёки уйдан кетиб қолган қочоқларнигина қамраб олмаган. Бизларнинг ҳар биримизда турлича намоён бўлувчи исён яшайди. Ҳар биримизда шундай вазиятлар бўладики, биз бошқаларга бўйсунгимиз, итоат этгимиз, умуман қулоқ солгимиз келмайди. Ва мана шу исёнкор ибтидо ичимизда Худога қарши чиқади. Пайғамбар Юнус Худонинг иродасига қарши чиқишга қарор қилди ва Худонинг амрларига итоат этмади. Худо Юнусга Найнавога бориб, у ердаги яшовчиларнинг кирдикорларини фош қилишни буюрганда, у Яффага кетди. У ерда кемага ўтириб, Найнаводан тўрт минг километр узоқликда, яъни Найнавонинг умуман қарама-қарши тарафида жойлашган Таршиш шаҳрига йўл олмоқчи бўлади. «Бир куни Амитай ўғли Юнусга Эгамиз шу сўзларни аён қилди: “Қани бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бор. Жар солиб, у ердагиларни огоҳлантир, чунки шаҳар аҳли қилган қабиҳликлари Менга етиб келди”. Юнус йўлга тушди, лекин Эгамиздан қочиб бошқа томонга кетмоқчи бўлди. У Яффага келиб, у ерда Таршишга борадиган кемани топди. Йўл ҳақини тўлади-да, Эгамиздан қочиб Таршишга сузиб кетиш учун кемачилар билан кемага чиқди» (Юнус 1:1-3). Юнус Худонинг амрини бажаришни хоҳламади ва Ундан қочиб қутулишга ҳаракат қилди. Бироқ Юнуснинг бундай хатти-ҳаракати яхшиликка олиб келмади. Худди шу сингари, бундай ҳаракат сиз билан бизга ҳам ҳеч қандай наф келтирмайди. ХУДОДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛИШ МУМКИНМИ? Худодан қочиб қутулиш истаги бефойда эканини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Бутун борлиқ – тирик ва ўлик, ер юзида ва коинотда мавжуд бўлган барча нарсалар Унинг ўткир нигоҳи остида бўлган бир пайтда, Худодан қандай қочиб кетиш мумкин?! Фақатгина тўғри фикр юрита олмаган нодон Унинг нигоҳидан қочишга ҳаракат қилиши мумкин. Худодан қочиб қутулиш – бу аслида, инсоннинг ўзидан қочиб кетишга бўлган беҳуда ҳаракатдир. Бироқ қочиб кетиб, тирик қолишнинг асло имкони йўқ. Худо маълум шарт-шароитларни яратиб, бизни Ўз қўллари билан янада қаттиқроқ сиқмоқчи бўлганда, биз кўпинча қочиб кетмоқчи бўламиз. Ҳаммамиз қайсидир маънода Юнусга ўхшаб кетамиз. Тўғри, Худо бизга Найнавога боришга даъват қилмайди, аммо бизни У итоат эттиришга интилганда, амалда бизнинг биринчи ҳаракатимиз – бу Худонинг даъватига норозилик билдириш ва эътироз намоён қилиш. Биз шу заҳотиёқ қочиб кетиш йўлларини қидира бошлаймиз. Юнус тушиб қолган ҳолат худди шундай бўлган. Ўша вақтда Найнаво катта шаҳарлардан бири бўлган ва Қуддусдан минг километрча узоқликда, шимоли-шарқда жойлашган эди. Найнаво - Исроилнинг ашаддий душмани Оссуриянинг пойтахти бўлиб, ўзининг чиройи, куч ва қудрати билан ҳаммага маълум ва машҳур эди. Унинг аҳолиси шу қадар ботир ва жасур қўшин бўлганки, уларнинг қўлига асирликка тушиб қолиш ниҳоятда қўрқинчли эди, чунки улар асирларга раҳм-шафқат қилиб ўтирмас эдилар. Юнус даврида оссурияликлар уларни ўраб турган атрофдаги мамлакат ва халқларни шиддат билан босиб олар эдилар. Исроилни қулга айлантириш давр талаби эди. Юнус бу ҳақда билар эди, шунинг учун ҳам Юнуснинг Найнавога бориб, у ердаги шаҳар аҳлини қилган қабиҳликлари учун жар солиб огоҳлантириш у учун ниҳоятда оғир бўлган. Эгамизнинг амрини бажариб, у ердагиларни қилган гуноҳлари учун жазо кутаётганини Юнус уларга етказиши керак эди. Аслида, Худо Юнусни душманларининг олдига юбориб, уларни тавба қилдиришни Юнусга айтган эди. Бироқ Юнус найнаволикларни тавба қилдириб қутқарилишини эмас, балки ҳалок бўлишини хоҳлар эди. (қаранг: Юнус 4:1-3). Юқорида айтиб ўтганимиздай, Юнус Найнавога бориб, у ерда душманларини тавба қилдириб, содиқ севгига мўл, иноятли, раҳмдил Худони уларни кечиришидан кўра, ўзининг ўлимини афзал билди. Юнус оссурияликларни шу қадар ёмон кўрар эдики, у очиқдан-очиқ Худога итоат этмасликка ва ўлишга қарор қилди. Шундай қилиб, у Яффага келади ва маълум бўлишича, ҳозирда Испания худудида жойлашган Таршишга борадиган кемага билет сотиб олади. Хўп, сиз-чи, сиз? Худо сизга бирор нимани бажаришни буюрганда, сиз: “Эй Эгам Худо, мен бундай қила олмайман” ёки “Раббий, мен албатта Сенинг айтганларингни бажараман, фақат ҳозир эмас, сал кейинроқ”, деб шундай жавоб берганмисиз? Баъзида бизнинг бўйсунмаслигимиз қуйидагича сўзлар билан ифодаланади: “Раббий, Сен мендан нима талаб қилаётганингни тушундим, лекин менинг фикримча, буни бошқачароқ бажарсам яхши бўлади”. Биз Худога сўзсиз ва зудлик билан қулоқ солишни ва итоат этишни хоҳламагунимизча, биз исёнкор ҳолатида қолаверамиз. ХУДОГА ҚАРШИ ИСЁН ШУ ЗАҲОТИЁҚ УНДА ЖАВОБ ҲАРАКАТИНИ УЙҒОТАДИ Бизнинг ҳар қандай итоатсизлигимизга Худо зудлик билан Ўз муносабатини билдиради. Юнус билан бўлгани сингари, У кучли шамол қўзғатиб, даҳшатли бўрон юборди. Юнус Эгамиздан қочиб Таршишга йўл олиши биланоқ шамол кўтарилиб, денгизда бўрон бошланди. Юнус ўтирган кемани бўрон парчалади ва кема чўка бошлади. Ваҳимага тушган кемачилар кемани қутқариб қолиш учун, у ердаги юкларни денгизга улоқтирдилар. Бу вақтда эса Юнус кеманинг ичкарисига кириб, қаттиқ уйқуга кетган эди. У нафақат Худодан қочди, балки Унга эътибор бермасликка ҳаракат қилар эди. Шу пайт кема дарғаси Юнуснинг ёнига келди ва деди: “Нега сен ухлаб ётибсан? Тур, Худойингга ёлвор! Балки у бизларни эсласа, ҳалок бўлмасмиз!” (Юнус 1:6). Эҳтимол, Юнус Худога ҳеч нарса демаган. Бўрон борган сари қутуриб, кучайиб борар эди. Биз Худога бўйсунмай Унга қарши чиққанимизда, атрофдагилар биздан нима қилаётганимизни сўрашади. Агар шундай ҳолат сиз билан юз берса, сизни оғир аҳволда эканингиз ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлган ва мушкулингизни қандай қилиб енгиллаштириш мумкинлиги тўғрисида насиҳат бермоқчи бўлганларнинг гапларига қулоқ тутинг! Яқинда мен бўлиб ўтган бир воқеани эшитдим. Бир эркакнинг, исмини Джон дейлик, хотини вафот этди. Дафн маросимларини ўтказганидан кейин, у икки марта эрдан ажралган ва никоҳсиз икки фарзанди бўлган аёл билан учраша бошлади. Атрофдагиларга, бир қарашда, аёл енгил табиатли ва андишасиз бўлиб кўринар эди. Улар борган сари кўп учрашганлари ва ўртадаги муносабатлари яқин бўлгани сари, Джоннинг дўстлари ва қариндошлари унга шундай деб мурожаат қилишар эдилар: “Джон, қулоқ сол, ахир, у аёл сенинг тенгинг эмас-ку!” Бироқ Джон қулоқ солгиси келмас эди. Кунларнинг бирида Джон севгисини исботлаш тариқасида, ўзининг уйини, бутун мол-мулкини хотинга ўтказиб беришини аёл талаб қилди. Джон аёлнинг талабини бажаришдан бош тортганда, хотин бақир-чақир қила бошлади. Шармандаликдан сўнг, аёл Джонни муштлаб, юмдалашга тушди. Севгилисининг муштларидан омон қолиш ва уни юпатиш мақсадида Джон ўзининг юзини ва бошини қўллари билан тўсди. Бунинг натижасида хотиннинг қўллари кўкарди. Эркакнинг уй-жойига эга бўла олмаган аёл аламига чидай олмай, полициячиларни чақиртирди ва Джон роса урди деб, унга туҳмат тошини ёғдирди. Аёлга қўл кўтаргани ва унга тан жароҳатини етказгани учун полиция Джонни ҳибсга олди. Ана шу нохуш воқеадан сўнг ва ниҳоят, Джон ақлини йиғиб олди. Сал кейинроқ у шундай деди: “Бу аёл билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаслигимни менга маслаҳат қилган ва уқтирган Худога мен қарши чиқдим. Бироқ ўттиз йил давомида севиб-севилиб, бахтли яшаган хотиним вафот этгандан сўнг мен Худодан хафа бўлдим. Мен дўстларимнинг маслаҳатларига, қариндош уруғларимнинг огоҳлантиришларига эътибор қилмадим ва қулоқ тутмадим. Мана энди тавбамга таяндим, минг афсусдаман”. Хайриятки, тез орада Джон итоатсизлигини тан олди ва тавба қилди, шунинг учун ҳам келажакда на унинг ўзи, на унинг болалари энди гуноҳ юкини кўтариб юрмайдилар. Юнуснинг ҳаётида ҳам ҳамма нарса силлиқ ўтмади. Кемадагилар бўрон фалокати ким сабабли бошларига келганини аниқламоқчи бўлдилар. Буни билиш учун улар қуръа ташладилар. Аниғи, улар кичкинагина халтачага бир нечта оқ ва битта қора тош солдилар. Кемадагиларнинг ҳар бири халтанинг ичига қарамай биттадан тош тортиб олиши керак бўлган. Қора тошни ким олса, табиий офатнинг сабабчиси ана шу одам ҳисобланади. Қуръа, яъни қора тош Юнусга тушганидан хабарингиз бор. Шундан кейин кемадагилар Юнусдан сўрадилар: “Сен кимсан?” Юнус уларга шундай жавоб берди: “Мен яҳудийман, денгиз ва қуруқликни яратган Самовий Худо – Эгамга сиғинаман” (Юнус 1:9). Кемадагилар Юнусдан нималар қилиб қўйганини сўраганларида, у Эгамиздан қочиб кетаётганини айтди. “Денгиз тинчланиши учун сени нима қилсак экан-а?” – деб сўрашди қаттиқ даҳшатга тушган кемадагилар. Чунки денгиз янада ваҳима билан тўлқинланар эди. Шунда Юнус кемадагиларга деди: “Мени олиб, денгизга улоқтирсангизлар, денгиз тинчланади. Биламан, бу кучли бўрон мен туфайли бошларингга келди” (қаранг: Юнус 1:8-12). Ҳаттоки кучли шамол ва ваҳмали тўлқинларни кўриб турса ҳам, Юнус ўз гапида қайсарлик билан туриб олди – душманларини тавба қилдиришдан кўра, ўзининг ўлимини афзал кўрди. Бироқ шунга қарамасдан, денгизчилар Юнуснинг айтган гапларини бажармадилар. Улар бир амаллаб кемани қуруқликка олиб бормоқчи бўлиб роса эшкак эшдилар, аммо бунга муваффақ бўла олмадилар, чунки денгиз уларга қарши баттар қутураётган эди. Шунда улар Эгамизга ёлвордилар: “Эй Эгамиз! Сен Ўзингга маъқул бўлганини қилиб, бизни шу аҳволга солдинг. Эй Эгамиз! Сенга илтижо қиламиз: шу одамнинг жони учун бизларни ҳалок қилма, бегуноҳ одамнинг ўлимига бизларни жавобгар қилма” (Юнус 1:14). Шундан кейин Юнусни олиб денгизга улоқтирган эдилар, денгиз тинчланиб қолди. Муқаддас Китоб бизга ҳикоя қилганидек, денгизда Юнусни катта маҳлуқ кутиб турар эди. Бу махлуқни Худо юборган эди. Бу маҳлуқ қандай жонивор эканини мен билмайман. У эҳтимол, бирор бир наҳанг балиқ бўлиши мумкин, чунки наҳанг балиқларнинг баъзи-бир турлари нафақат одамни, балки кичикроқ кемани ҳам ютиб юборишга қодир. Хуллас, Худо шундай қилдики, бу катта маҳлуқ Юнусни ютиб юборди. Аммо му маҳлуқнинг қорнида Юнус тирик қолишига Худо ижозат берди. Юнус қанчалик ўлишга ҳаракат қилмасин, ўлмайди. Худо Юнус олдида маълум бир мақсадни қўйган, аммо бу мақсад амалга ошмади. Худо Юнусни ўлдиришга эмас, балки бўйсундиришга интилди. У пайғамбарнинг ўлишини хоҳламади. Найнаво аҳолиси унинг ваъзини тинглаши учун, Юнус Худога тириклайин керак бўлган! Юнус уч кечаю уч кундуз наҳанг балиқ қорнида қолди. У ўзининг Эгаси Худога ибодат қилди. Юнус тавба-тазарру, шукроналар айтиб, қурбонлик келтирадиган одамнинг ибодатини қилди. Юнус эндиликда пайғамбарлик хизматини адо этиб, ўз вазифасини бажаришини Худога эълон қилди (қаранг: Юнус 2:1-10). Юнус Худога итоат этди, бўйсунди. У Худонинг устунлигини тўлиқ тан олди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Эгамиз шундан кейин наҳанг балиққа амр берган эди, наҳанг балиқ Юнусни қуруқликка чиқариб қўйди” (Юнус 2:11). Шундай қилиб, Юнус Эгамизнинг амрига бўйсуниб, Найнаво томонга кетди. Шаҳарга келгач, уч кун кўчаларда айланиб юриб, шундай деб жар солди: “...Яна қирқ кундан сўнг Найнаво хароб бўлади!” (Юнус 3:4). Юнус Худонинг сўзларини чин дилдан ва севги билан етказишга интилмади. У фақатгина оддий, итоаткор бажарувчи эди. Ҳа, у ўз иродасини Худога бўйсундирди, бироқ Найнаво аҳолисига нисбатан муносабати аввалгидай қолди. У ғазаб билан, раҳм-шафқатсиз ва ачинмай гапирди. Юнус Худонинг барча амрларини бажаришга тайёр эди, аммо қалбининг туб-тубида ўз душманларининг тавба қилишларини асло истамас эди. У тўғри сўзларни айтар эди, лекин уни ундаётган Худонинг марҳамати эмас эди. Юнуснинг иродаси эгилган ва Худога бўйсундирилган эди. Эндиликда Худованд Юнуснинг душманларга нисбатан бўлган муносабатини ўзгартириши лозим эди. Ўша пайтга келиб, Юнуснинг бахтига қарши Найнаво аҳолиси унинг ваъзини ва огоҳлантиришини тўғри қабул қилди. Найнаволиклар Худога ишониб, рўза тутамиз, деб эълон қилдилар. “Шаҳардаги катта-ю кичик” тавба қилиб, қанорга ўрандилар. Ҳаттоки, Найнаво шоҳи ҳам тахтдан тушиб, шоҳона либосларини ечди, қанорга ўраниб, “кулга ўтирди”. Шоҳ ўзи ва амалдорлари номидан бутун Найнаво бўйлаб фармон эълон қилди. Унинг фармонига биноан на инсонлар, на ҳайвонлар, шу жумладан, мол-қўйлар ҳам ҳеч нарса емаслиги, сув ичмаслиги керак эди. “Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қанорга ўрансин. Ҳар ким Худога ялиниб илтижо қилсин, ёвуз қилмишидан қайтсин, зулм қилмасин. Ким билади, балки Худо раҳм қилиб, бизга бўлган ғазабини қайтарар, биз ҳалок бўлмасмиз” (Юнус 3:8-9). Худо Юнусни итоат эттириш мақсадида найнаволиклардан қурол сифатида фойдаланди. Қолаверса, Худо найнаволикларни бўйсундириш сифатида ҳам шунингдек, Юнусдан фойдаланди. Лекин Юнусдан фарқли ўлароқ, найнаволиклар Худонинг даъватига дарровдангина хайрихоҳлик кўрсатишди ва гуноҳларига тавба қилишди. Биз шундай сатрларни ўқиймиз: “Худо уларнинг қилган ишларини, ёвуз қилмишларидан қайтганини кўриб, раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади” (Юнус 3:10). Шундай қилиб Юнус эмас, Найнаво аҳолиси тор-мор бўлди. Найнаволиклар тавба қилишганини ва омон қолишганини билган Юнус яшашдан кўра, тезроқ ўлишни истарди. Юнус ҳамон Худо ва Найнаво яшовчиларидан хафа бўлиб, ғазабланиб юрар эди. Худо ундан сўради: “Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!” Юнус Худога ҳеч нима демади, шаҳардан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. Шу ерда чайла ясаб, энди шаҳарга нима бўларкин, деб чайланинг соясида кутиб ўтирди. Юнуснинг қалбидан жой олиш учун, Парвардигор яна бир бор уни синаб кўрди: унинг бошига соя бўлсин, қайғуси барҳам топсин, деб Парвардигор Эгамиз бир ўсимлик ўстирди. Ўсимлик Юнуснинг тепасида кўтарилди ва уни қуёшдан тўсди. Бироқ кейинги куни тонг пайтида бир қурт ўсимликни кемириб қуритди. Кейин қуёш кўтарилиб, шарқдан гармсел эсди. Қуёш Юнуснинг бошини шундай қиздирдики, у ҳушидан кета бошлади. Ўсимлик учун Худога миннатдорчилик билдириш ва Унга бўйсуниш ўрнига, Юнус қайсарлик қилиб яна ўз гапида туриб олди. “Бунақа яшаганимдан, ўлганим яхшироқ”, деб ўзига ўлим тилади у. Худованд яна Юнусдан сўради: “Битта ўсимлик нобуд бўлганидан жаҳлинг чиқдими?” Юнус жавоб берди: “Ҳа, жаҳлим чиқди, ўлимимга ҳам рози бўлдим”. Юнуснинг Худога айтмоқчи бўлган гаплари мана шу эди холос. Ақалли, биз ундан бошқа гап эшитмадик. Юнуснинг тарихи Худонинг айтган қуйидаги сўзлари билан якун топади: “Бу ўсимлик учун сен меҳнат қилмагансан, экиб-ўстирмагансан, ўзи бир кечада ўсиб, бир кечада йўқ бўлди. Сен шу ўсимлик учун ачинганингда, мен қудратли Найнаво шаҳрига ачинмаслигим керакми?! Ахир, бу ерда оқ-қорани ажрата олмайдиган болаларнинг ўзидан юз йигирма мингдан ортиғи ва талай ҳайвонлар яшайди-ку!” (Юнус 4:10-11). Бу сўзларга Юнуснинг қандай муносабатда бўлгани Муқаддас Китобда айтилмаган. Шунингдек, келгусида Юнуснинг қилган хизмати қандай бўлганини ҳам биз билмаймиз. Юнус тўлиқ Худонинг иродасига бўйсунмагунча, Худо ундан фойдалана олмаган. Юнус эса бўйсунишни, итоат этишни истамади. Бу воқеа – оддийгина қадимий ривоят эмас. Бу кўплаб одамлар билан қайта ва қайта юз берадиган ҳодисадир. Яқиндагина мен Худо бир одамни ваъз қилишга даъват этганини эшитиб қолдим. Бу одам каттагина бир соҳанинг юқори лавозимдаги яхшигина бир ишчиси эди. У кўп даромад келтирадиган ишини ташламасдан, онда-сонда ваъз ўқиб туришга қарор қилди. Ўзини оқлаш сифатида у қуйидагича сабабни келтирди: агар у шундай қиладиган бўлса, хизматчига жамоат, биринчидан, пул тўламайди, иккинчидан эса, хизматчи жамоатни қўшимча чиқимдан ҳалос қилган бўлади. У Худонинг иродасига қисман бўйсунди. Тез орада бу одам ишидан ҳам, оиласидан ҳам айрилди. Унинг ҳаёти барчанинг кўз ўнгида вайрон бўлди. Охир-оқибатда у шундай деди: “Эй Парвардигор, мен Сен айтгандай қиламан”. Ва шундай кейин Худо унга оиласини қайтариб берди. Бу одам қирқ ёшдан ошгандан сўнг семинарияга кирди, сўнгра воизлик қила бошлади. Ҳозирда эса, маошининг камлигига қарамасдан, ўз ҳаётидан ниҳоятда мамнун. Рафиқаси ва болалари уни қўллаб-қувватладилар. У, ҳаётим илк бор маънога эга бўлганини тушундим, деб тан олди. Сиз-чи? Сиз Худога қандай жавоб берган бўлар эдингиз? Ўз душманларингизга-чи? Сизнинг мақсад ва режаларингизга мос келмайдиган вазиятларга сиз қандай муносабатда бўлар эдингиз? У биз Худога бўлган ўз муносабатларимизни ўзгартиришимизни ва Унинг хоҳиш-иродасини бажаришга киришишимизни хоҳлайди. ҲАР БИР ИНСОННИНГ ҲАЁТИДА ХУДОНИНГ УЧ ДАЪВАТИ Ҳар бир инсонга, ҳеч бўлмаганда, Худо уч марта мурожаат қилади. Биринчи даъват – бу нажот топишга бўлган даъват, токи одам ўз гуноҳларига тавба қилсин ва имон-эътиқод билан Исо Масиҳнинг одамларнинг гуноҳлари учун Гўлгўтада тўккан қурбонлик қонини қабул қилишдир. Иккинчи даъват – бу покланишга ёки гуноҳдан ажралишга бўлган даъватдир. Бу Худога нисбатан бўлган тўлиқ содиқлик, шу туфайли гуноҳ эндиликда одамдан устун турмайди ва уни бошқармайди. Бу - ҳар бир одамнинг қалбида яшовчи Муқаддас Руҳга эркинлик бериш, бизни бошқаришга Унга ижозат этиш ва ҳар қандай васвасага қарши туришда бизга ёрдам сифатида қилинган даъват. Худонинг инсонга қилган учинчи даъвати – бу хизмат қилишга бўлган даъват. Бундай хизмат уйда, ишда, ҳаворийлик ташкилотларида ёки ҳар қандай бошқа жойда ўтиши мумкин. Хизмат қилишга бўлган Худонинг даъвати ҳар доим индивидуал (ҳар кимнинг ўзига алоҳида) тарзда ўтади – Худо ҳар бир одамнинг барча иқтидор ва қобилиятларини, шунингдек, унинг Худога фойда келтириш хоҳиш-истакларини инобатга олади. Баъзи одамлар Худонинг қутқарилишга бўлган даъватига қарши чиқадилар. Улар Хушхабарни инкор этадилар. Одамлар қутқарилишга бўлган даъватни қабул қилмагунларича, Худо уларни покланишга ёки хизматга даъват эта олмайди. Шунинг учун ҳам Худонинг чақириғи айнан шу каби одамларга қаратилган – Худо уларни қутқарилишга чорлашдан чарчамайди. Бундай одамларни тор-мор қилиш, яъни бўйсундиришга бўлган Худонинг ҳаракатлари улар гуноҳларига тавба қилишларига ва Исо Масиҳни ўзларининг Қутқарувчилари сифатида тан олишларига қаратилган. Баъзи одамлар Худонинг покланишга бўлган даъватига қарши чиқадилар. Улар Худонинг кечиримига сазовор бўлдилар, руҳан ўзгардилар, аммо Муқаддас Руҳнинг етакчилик қилишига бўйсунишдан воз кечадалар. Улар олдин қандай ҳаёт кечирган бўлсалар, худди шундай яшамоқчи бўладилар. Худонинг солиҳ йўлидан эмас, дунёвий йўлдан юришни хоҳлайдилар. Улар Масиҳни ўзларининг Қутқарувчиси, Нажоткори сифатида қабул қилдилар, аммо барча соҳаларда Раббий сифатида Унинг кетидан боришга қарор қабул қилмадилар. Улар покланишга бўлган даъватни қабул қилмагунларича, Худо уларни хизматга даъват эта олмайди. Улар Худога бўйсунмагунларича, Раббий уларнинг ҳаётида ҳаракат қилишдан толмайди. Худонинг барча ҳаракатлари шундай одамларни бўйсундиришга ва покланишга олиб келишга қаратилган. Баъзи одамлар Худонинг хизмат қилишга бўлган даъватига қарши чиқадилар. Улар Худонинг шундай деб айтаётганини эшитадилар: “Сен шуни бажаришингни Мен хоҳлайман”. Бироқ уларнинг жавоби қуйидагича бўлади: “Мен биламан, лекин мен олдин ўзимнинг бошқа ишларимни бажариб олишим керак”. Бундай одамлар ўзларининг ишлари худди ўша мақсадга қаратилганига Худони ишонтирмоқчи бўладилар. Бир масиҳий аёлнинг ҳикоя қилишича, кунларнинг бирида у аниқ тарзда Худонинг овозини эшитди. Худо унга шундай деб айтди: “Сен меҳнат қилишинг керак. Сен уйингда болаларингни тарбиялашинг лозим. Тўғри, эҳтимол, бошқаларга қараганда, уларнинг ўйинчоқлари кам бўлиши мумкин, лекин улар она меҳрига ва севгига тўлиб вояга етадилар, тўғри, эзгу йўлдан борадилар. Ва бу – Менинг хоҳиш-истагим”. Аёл менга деди: “Мен Худонинг гапларига розилик билдирмадим. Ҳа, мен Унга хизмат қилгим келар эди, аммо ўз уйимда эмас. Мен, агар бирор бошқа жойда – қандайдир юксакроқ хизматни бажарсам, болаларим мени ҳурмат қиладилар ва менга ўхшаб улар ҳам Худога хизмат қилишни хоҳлайдилар, деб ўйладим. Мен шунингдек, бошқа жайда хизмат қиладиган бўлсам, Масиҳга кўпроқ одамларни олиб келган бўлар эдим, деб ўйладим. Аммо ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Итоатсизлик қилганимнинг азобини болаларимдан тортаяпман. Улар оддий мактабда таълим оладилар ва улар дўстлари билан ўз вақтларини нақадар енгилтаклик билан ўтказаётганларини мен турмуш ўртоғим билан кузатаман. Биз, енгил-елпи ҳаёт яхшиликка олиб келмайди, деган хавотирдамиз. Мен ўз ишларимни ташладим, охир-оқибатда уйда ўтириб болаларимнинг тарбияси билан шуғулланишимга тўғри келди. Тўғри, вақтни бой берганимни мен тушунаман, бироқ болаларимни яхши тарбиялай оламан деган умиддаман”. Маълум бир хизмат қилиш учун Худонинг даъватига қарши чиққан одамлар, бошқа нарсада ҳаёт мазмунига эга бўлиш ва қониқиш ҳосил қилиш мумкин эмаслигини англаб етадилар. Агар биз Юнус ҳаётидан сабоқ олмоқчи бўлсак, авваламбор унинг ҳаёти ҳузур-ҳаловатсиз ўтганини тушунишимиз керак. Худога қарши чиқиш бахт келтирмайди. Аксинча, бундай ҳаёт ғам ва қайғуга, дард ва аламга, йўқотиш ва айрилиққа тўла бўлади. Агар сиз қачонлардир Худонинг даъватини эшитиб қолгудек бўлсангиз, сизнинг ҳар қандай таклифларингиз Худонинг хоҳиш-истакларига мос келмаслигини доимо ёдингизда тутинг. “Сизга шу нарса ёқмаслиги билан”, Худо ҳеч қачон қизиқмаган. “Шундай қилиш кераклигини сен тасаввур қиласанми?” деб, Худо ҳеч қачон мендан сўрамаган. “Илтимос қиламан, шуни бажаргин!” деб, У менга ҳеч қачон ялинмаган. Асло йўқ! Худо ҳар доим ҳақ. У тўғридан-тўғри шундай дейди: “Мана, Мен сендан шуни хоҳлайман”. Худонинг талаблари доимо аниқ ва ҳеч ўзгармасдир. ИСЁНКОРЛИК САБАБЛАРИ Биз Худога қулоқ солишни истамаслигимизнинг бир нечта сабаблари мавжуд. Мағрурлик Исёнкорлигимизнинг энг асосий сабаби – бу бизнинг мағрурлигимиздир. Биз ўзбилармонлик билан иш тутиб Худонинг иродасига бўйсунмаганимизда, калондимоғлик билан деймиз: “Мен нима қилишни Худодан кўра яхши биламан”. Инсон Худонинг нажотига бўлган даъватига қарши чиққанда, бу билан у оддий фикрни тасдиқлайди: “Раббий, қандай қилиб қутқарилишни мен Сендан ҳам яхши биламан. Исо Масиҳга бўлган ишонч йўлидан ўзгачасини ўзим танлаб олганман. Абадий ҳаётга етакловчи ва Исо Масиҳга зарурат бўлмаган йўллар менга жуда яхши маълум”. Инсон Худонинг покланишга бўлган даъватига қарши чиққанда, бу билан у шундай демоқчи бўлади: “Раббий, мен бу дунёда қандай яшашим кераклигини ва қутқарилиб қолишимни Сендан яхши биламан. Қандай қарорга келишни ва ўз муаммоларимни ҳал этишни ҳам ўзим уддасидан чиқаман. Ҳақиқий солиҳлик нима эканлиги менга яхши маълум”. Инсон Худонинг хизматга бўлган даъватига қарши чиққанда, у бу билан шундай демоқчи бўлади: “Мен учун қандай хизмат яхши бўлишини менинг ўзим биламан. Обрў-эътиборли бўлиш ва муваффақиятга эришиш ўзимнинг қўлимдан келади. Руҳий келажагимни менинг ўзим белгилай оламан”. Юқорида айтиб ўтилган ҳолатларнинг барчасида одам ноҳақ. Абадий ҳаётга ягона йўл – бу Исо Масиҳ эканлини Худо кўрсатиб берган. Исо шундай деган: “Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман…” (Юҳанно 14:6). У йўллардан бириман, деб айтмаган. У – йўлдирман, деган. Худо бизга қутқарилиш, яъни нажот топишимиз учун нафақат йўл ҳозирлаб қўйган, балки Муқаддас Руҳ орқали покланишимизга ва ҳар куни Унинг олдида юришимизга ёрдам бермоқда. Ўзбошимчалик билан яшашни афзал кўриб, Худонинг тўғриланиш усулларига қарши чиққанимизда, биз ўз исёнимизда мағрурликни намоён қиламиз. Қўрқув Исёнкорлигимизнинг иккинчи сабаби – бу қўрқувдир. Юнус Найнавога боришдан ниҳоятда қўрққан бўлиши мумкин. Албатта, бу эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу юртнинг яшовчилари ўзга бутларга сиғинишар, ўзларининг қаттиққўлликлари ва ҳийла-найранглари билан бошқа халқлардан ажралиб туришар эдилар. Эҳтимол, яҳудий бўлган Юнус бу шаҳарнинг кўчаларида юришга ва кўп худоликка сиғинадиган Исроил душманларига ягона ва ҳақиқий Худо ҳақида Хушхабарни етказишга қўрққандир. Балки, Худо найнаволикларнинг гуноҳини кечиришидан ҳам Юнус чўчигандир. Ёки бўлмаса, Худо Найнаво аҳолисини кечириб, Ўзининг Шахсий халқи бўлмиш Исроилни забт этиш учун, улардан фойдаланишидан Юнус қўрққандир. Мағрурлик ва қўрқув – Худога қарши бўлган исёнимизнинг икки асосий сабабидир. Ўзингизга шундай савол беринг: “Нима учун мен Худонинг иродасига қарши чиқмоқдаман? Нима учун Худога хуш келмайдиган одатлардан воз кечиб, ўз ҳаётимни ўзгартиришни хоҳламайман?” Сиз нимадан қўрқасиз? Мағрурлик ёрдамида ўз ҳаётингизда нималарни ҳимоя қилишга интилмоқдасиз? Сизнинг қалбингизда мағрурлик ва қўрқув қанчалик кучли бўлса, сизнинг Худога қарши чиқишингиз шунчалик кучли бўлади. Ирода кучи Кўпинча калондимоғлик кучли шахсларда намоён бўлади. Уларнинг иродаси кучли. Улар нафақат танқидни эшитишга қодирлар, балки жамият уларни рад этишига ҳам бардош бера оладилар. Улар атрофдагиларнинг севги ва муҳаббатисиз кун кечиришга қодирлар. Бундай одамлар ҳеч қандай инқироз ва тўсиқларга қарамай, олға босадилар. Ҳеч нарсага қарамай, Худога қарши чиқишга интилишда уларда собитқадамлик, қатъиятлик ва тиришқоқлик етарли даражада бўлади. Онг кучи Бошқа исёнкорлар бениҳоят ақлли бўладилар. Улар жуда ҳам идрокли бўладилар ва қандай қилиб мақсадга тезроқ етишиш мумкинлигини биладилар. Улар турлича можароларга аралашиб қолмасликни, шунингдек, Худонинг тор-мор қилиш жараёнида қандай қилиб иштирок этмасликни яхши тушунадилар. Раббий уларни қанчалик қаттиқ Ўз исканжасига олса, улар моҳирлик билан ўзларининг пухта ўйлаб қўйишган “қўшимча вариантларини” ишга соладилар. Худо нималар қилмасин, улар ўз йўлларидан, гарчанд бу йўллар тоғли жойлардаги илон изи сўқмоқларига ўхшаб кетса-да, дадил юришни давом этаверадилар. Лекин пировардида ҳар биримизнинг ўз ҳаётимизни бошқаришдаги ақлий, ҳиссиётли ва руҳий қобилиятларимиз барҳам топади. Баъзи одамлар учун бундай вазият ўлим тўшагида келиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмайди. Биз ўзимизнинг мағрурлигимизни ва қўрқувимизни тушуниб етишимизни, сўнгра шундай дейишимизни Худо хоҳлайди: “Эй Парвардигор, мен мустақил равишда ҳамма нарсани тушуниб олишимга ақлим етмаяпти. Хурсандчилик, орзу-умид ва қониқиш ҳис-туйғуси йўлидаги тўсиқларни ўзим енгиб ўтишга қодир эмасман. Раббий, Сен менга жуда кераксан. Мен ўзимни тўлиқ Сенинг ихтиёрингга топшираман ва Сен ҳақиқатдан бебаҳо ва зарур инъомларни менга тақдим этишингга ишончим комил”. ХУДОГА ҚАРШИ ҚАРАТИЛГАН ИСЁННИ ОҚЛАШГА БЎЛГАН ҲАРАКАТ Ҳар биримиз вақти-вақти билан Худога бўлган исёнимиз салоҳиятини амалда камайтириб кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз қабул қилган қарорни оқлаш учун биз кўплаб баҳона-ю важларни келтиришга интиламиз. Баъзида эса биз билан юз бераётган кўнгилсизликларда ёки азоб-уқубатларнинг барчасида бошқа одамларни айблаймиз ва шундай деймиз: “Агар ўша одам бўлмаганда эди, мен шундай мушкул аҳволга тушмаган бўлар эдим. Агарда улар мени йўлдан ўрмаганларида эди, мен таъқиб қилинмаган бўлар эдим”. Гоҳида эса биз шарт-шароитларни – олдинги ва ҳозирги вазиятларни айблаймиз. Шундай деб оҳ-воҳ ҳам қиламиз: “Эҳ, менинг танлаш имкониятим йўқ-да, ахир, мен шундай шарт-шароитда ўсиб улғайганманки, қўлимдан бошқа ҳеч нарса келмайди! Худо менинг ўтмишимдан хабардор, демак, энди мен қандай йўл тутишимни ҳам билади”. Биз ўзимизни оқлашни, Худога қарши чиқиб Ундан қочишни давом эттираверамиз. Одамлар мунтазам равишда ўзларини оқлаб, ҳамма нохушликларда бошқаларни айблаб юрсалар, шуни билингки, улар тор-мор бўлиш жараёнига қарши чиқадилар. Бу эса ўз навбатида, Худога қарши чиқишнинг аниқ белгисидир. Мен бир аёлни биламан, у масиҳий-психотерапевт маслаҳатига тез-тез бориб туради. Шифокор маслаҳат пайтида ҳар сафар у ёки бу масала борасида Муқаддас Китоб нима дейишини кўрсатганда, аёл ҳар доим эътироз билдирар эди. Пировардида аёл маслаҳатларни давом эттиришдан воз кечди. Психотерапевтнинг айтган гаплари аёлга ёқмас эди. Аслида эса, аёл ҳақиқатни эшитишни ва уни тан олишни истамас эди. Ҳамма фақатгина ўша аёлнинг гапларини эшитиб, унинг айтганларини қилса. Шундай ҳолатнинг ўзи исёндир. Агар аёл: “Мен Худога қарши чиқаяпман”, - деб айтиб тавба қилса, тўғри йўл тутган бўлар эди. Биз ўз ҳолатимизни қанчалик тез англаб етадиган бўлсак, шунчалик тез ўз муаммоларимизнинг ечимини кўрамиз, қолаверса, шунчалик тез азоб-уқубатларимиз барҳам топади. ХУДОГА ҚАРШИ ИСЁННИНГ БАҲОСИ Юнуснинг исёнкорлиги унга қанчалик зиён келтирди? Худди биз сингари, Худога бўйсунмаслиги Юнусга ҳам жуда қимматга тушди: Оиладан айрилиш. Юнус ўз халқини ташлаб кетишига тўғри келди. У халқидан йироққа - тўрт минг километр узоққа кетиш учун, билет сотиб олди. Худога қарши исёнимиз бизни ҳам шундай оқибатларга олиб келади. Биз яхши кўрган оила аъзоларимиз билан мулоқот қилишдан айриламиз. Таршишга қочишга қарор қилган Юнус кўп жудоликларни бошидан ўтказди... Ишдан айрилиш. Юнуснинг иши қандай бўлишидан қатъий назар, бошқа юртда яшаш учун у ўз ишини ташлаб кетишга қарор қилди. Иш ҳақидан айрилиш. Ишдан кетган Юнус, шунингдек, иш ҳақидан ҳам айрилди. Бундан ташқари, у қанчадан-қанча... Тўпланган мол-мулкдан айрилиш. Таршиш кемасидаги саёҳат, ҳеч шубҳа йўққи, Юнусга жуда қимматга тушган. Кучли шамол эсиб бўрон кўтарилганда, денгизчилар чўкиб кетаётган кемани қутқариш мақсадида барча юкларни денгизга ташлаб юбордилар. Ишончимиз комилки, ташлаб юборилган юклар ичида Юнуснинг ҳам тўплаган мол-мулки бўлган. Юнуснинг мол-мулки денгизга улоқтирилмаган ҳолатда, унинг ўзи сувга отилди. Бироқ Юнус нафақат моддий, кўриниб турадиган мол-мулкидан айрилди. Шунингдек у кўплаб... чидади. Виждон азоби. Юнус Худонинг иродасига қарши бораётганини билар эди. Худодан узоқлашиш. Юнуснинг ўзи Худо билан мулоқот қилишдан воз кечди. Денгиздаги ваҳимали бўрон ва катта наҳанг балиқнинг ичида уч кун қолиб кетишнинг ўзи ниҳоятда қўрқинчли бўлса керак. Баҳайбат маҳлуқнинг ошқозонидаги сассиқ ҳидни сиз тасаввур қила оласизми? Кислороднинг етишмаслигини-чи? Юнус азобли ўлимга маҳкум этилган эди. Унинг барча айрилиқлари ўзаро боғланган эди, аммо булардан ташқари, Юнус шунингдек... тушиб қолганини ҳис қилар эди. Ҳиссий қуллик. Нафрат, адоват, қаҳр-ғазаб ва айрилиқ доғи ҳар доим биз учун кишан бўлади. Ана шундай ҳис-туйғуларни биз атрофдагиларга йўллаганимизда, бизнинг ўзимиз шахсий ҳис-туйғуларимиз асирига айланиб қоламиз. Адоват бизни ичимиздан кемиради. У бизнинг нигоҳимизни қора парда билан тўсади, хурсандчилик ва ҳаётга бўлган севгидан бизни жудо қилади. Адоват ҳисси бизнинг севиш ва севилиш қобилиятимизни бўғади. Адоват ва нафрат имонимизни барбод қилади. Юнус кучли изтироб кечираётган одам бўлган. Унда жўшиб қайнаётган ҳис-туйғулар, Худо ўтказган узум новдасини емирган қурт каби Юнусни “кемирар эди”. Нафрат ва адоват ҳис-туйғуси том маънода, уни қуритиб адо қилар эди. Гарчанд биз Юнуснинг оиласи ҳақида ҳеч нарса билмасак-да, унинг оиласи ҳам Юнуснинг исёни натижасида азоб-уқубат чеккан, деб тахмин қилишимиз мумкин. Агар биз Худога бўйсунмай Унга қарши чиқсак, оиламиз аъзолари ва биз яхши кўрган инсонлар у ёки бу даражада ҳар доим азобланадилар. Худога қарши чиқиб, бу учун жазо олмасликнинг иложи йўқ. Агар биз бўйсунмасликни давом эттираверсак, кунларнинг бирида Худо шундай дейди: “Хўп, сен айтганингдек бўлсин. Аммо сен енгилдинг”. Худо бизни ўзимиз танлаган ҳолатда ташлаб кетади. Агар биз Худонинг қутқарилишга бўлган даъватига эътироз билдиришга қарор қилган бўлсак, биз худди ўша гуноҳкор ҳолатда – қутқарилмасдан қолиб кетаверамиз. Агар биз Худонинг покланишга бўлган даъватига ўз хайрихоҳлигимизни билдирмасак, бизда ҳеч нарса ўзгармайди – биз мунтазам равишда гуноҳ ва васваса, нотўғри қарор қабул қилиш оқибати ва қалтис фикрлар билан доимий курашда бўламиз. Агар биз Худонинг хизматга бўлган даъватини менсимасак, биз ҳеч қандай қониқиш ҳосил қилмаймиз ва ҳаёт мазмунига эга бўла олмаган исёнкорлигимизча қолиб кетамиз. Худога қарши қаратилган исёнимиз бизнинг руҳий ўсишимизни тўхтатиб қўяди. У бизни нобуд қилади ва ўзимизнинг руҳий имкониятларимизни намоён этишга имкон бермайди. ИСЁНКОР ОДАМ УЧУН ИБОДАТ Биз кимдир Худога қарши чиқаётганини ҳис қилганимизда, бизнинг ибодатимиз қуйидагича бўлиши керак: “Эй Эгам Худованд, бу одамга шунча муаммолар юборгинки, токи у Сенга мурожаат қилишга мажбур бўлсин”. Бу одамни жароҳатлаш ёки унинг бутун ҳаётини барбод қилишга қаратилган илтижо эмас. Худо буни хоҳламайди. Биз ҳам бундай ниятда эмасмиз. Биз исёнкор одам учун ибодат қилишимиз мумкин. Худо шундай шарт-шароитлар яратсинки, токи ҳар бир бўйсунмас ва исёнкор одамнинг иродаси тор-мор бўлиб, у Худога юз тутсин ва Унга итоат этсин. Бу марҳамат келтиришга бўлган илтижо, шунинг учун биз шундай ибодат орқали Худога мурожаат қилишимиз мумкин. Биз Худога илтижо қилиб, ўтмишда бизга етказилган дард-алам учун Худо кимнидир жазолашини сўраганимиз йўқ. Бизнинг ибодатимиз – қасос эмас. Тор-мор бўлиш ҳақидаги бизнинг ибодатимиз – инсон буюк марҳаматга эга бўлиши тўғрисидаги илтижо! Агар одам азоб-уқубат ҳолатида бўлса, биз унга ёрдам беришга, уни юпатишга ёки оғриқ ўчоғини йўқ қилишга шошилмаслигимиз керак. Ахир, биз Худонинг йўлини тўсиб қўйишимиз мумкин! Биз қуйидагича ибодат қилишимиз лозим: “Эй Раббий, бошимиздан кечиришимиз мумкин бўлган синовлардан ортиғини Сен юбормаслигингни мен биламан. Бу одамнинг кўзларини оч, токи унинг ҳузур-ҳаловати учун қилаётган Сенинг ҳаракатларингни у кўра олсин. Ҳақиқатни бузмай унга етказа олишим учун, мен нималар дейишимни ва қандай йўл тутишимни менга ўргат. Сенга халақит қилмаслигимда менга ёрдам бер”. Менинг олдимга кўпинча одамлар келиб, Худо уларни у ёки бу муаммолардан халос этиши учун ибодат қилишимни сўрар эдилар. Одатда, мулоқот шундай ўтар эди. Уларнинг илтимосидан кейин мен савол берар эдим: -Сизнинг ҳаётингизда нималар юз бераётгани ҳақида Худонинг билишига сиз ишонасизми? -Ҳа, - деб жавоб берарди улар. -Худо сизни яхши кўришига сиз ишонасизми? -Ҳа. -Унда сиз Худога итоат этишингиз учун биз ибодат қиламиз. Худованд нимани ўйлаб қўйган бўлса, бошланган ишни охирига етказишга Унга ижозат беринг. У сизни мустаҳкамлашига ва руҳан кучли ва бадавлат қилиб, юз берган нохуш ҳолатдан чиқиб кетишда сизга ёрдам бериши учун ибодат қиламиз. Биз халос бўлиш учун эмас, балки Худонинг эзгулиги сизнинг ҳаётингизда ҳукм суришига ва сизга жасурлик инъом этишига ибодат қиламиз. Худо шундай ҳолатни сизнинг фойдангиз ва сизни марҳаматлаш учун юборганига ишонишингиз учун биз ибодат қиламиз. МАРҲАМАТЛАРДАН АЙРИЛИШ Агар одам Худога бўйсунмай, Унга қарши исён кўтаришни давом эттираверса, у Худо унга ёғдирмоқчи бўлган барча марҳаматлардан ва эзгуликдан айрилиб қолади. Худо биз учун атаб қўйган ҳадяларнинг ҳаммасини олишимизга исён имкон бермайди. Исёнчи одам хурсандчиликни ҳис қилиши мумкин, аммо у ҳеч қачон тўлақонли хурсандчилик туйғусини англай олмайди. У дунёвий севгини ҳис қилиши мумкин, аммо Худонинг сўзсиз севгисини ҳеч қачон ҳис қила олмайди. У бу ўткинчи ҳаётда нималаргадир умид қилиши мумкин, аммо Худо бизга бераётган абадий ҳаётга ҳеч қачон эга бўла олмайди. Худога бўйсунмаслигимиз бизга Унинг куч-қудратига, донолигига тўлишимизга ва Унинг мавжудлигидан роҳатланишимизга ҳалақит беради. Исёнкорлик бизни марҳаматлардан ва ҳузур-ҳаловатдан маҳрум қилади. Худонинг даъватини менсимаслик билан, бундай йўқотишларга йўлиқмайлик. С новой страницы 9 – боб ҚАНДАЙ ҚИЛИБ КЎП САМАРА БЕРАДИГАН НОВДА БЎЛИШ МУМКИН Худо – ким экан У? Сиз Уни қандай тасаввур қиласиз? Кўплаб менинг таниш-билишларим бу саволга шай бўлиб жавоб беришга тайёрлар. Улар учун Худо – бу Яратувчи, Раббий, Қодир, Қудратли, Самовий Ота. Бошқалар учун Худо – бу Юксак Куч, “самовий канцелярия”, Бошсабаб. Исо Самовий Ота ҳақида гапирганда, тавсифий иборалардан камдан-кам фойдаланган. Улардан бири Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарда (15:1) ёзилган – “Мен ҳақиқий токман, Отам эса Боғбондир”. Самовий Ота ҳақида Исо қуйидагиларни айтган: “Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди. Менинг сизга айтган сўзим орқали сизлар ҳозирдан тозасизлар. Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токда қолмаган новда ўз-ўзидан ҳосил бера олмайди; шу сингари агар сизлар Мен билан алоқада бўлмасангизлар, ҳосил бера олмайсизлар. Мен – ток, сизлар – новдасизлар. Ким Мен билан алоқада бўлиб, Мен у билан алоқада бўлсам, у кўп ҳосил беради. Менсиз ҳеч нарса қила олмайсизлар. <...> Сизлар кўп ҳосил берсангиз, Отам улуғланади, сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар”. Юҳанно 15:2-5, 8 Боғбон узум токини тозалагани сингари, Худо бизни маълум мақсадда поклайди, чунки У биз руҳан ўсиб, кўп ҳосил беришимизни хоҳлайди. Ушбу парча Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарда (12:24) ёзилган оят билан ниҳоятда ўхшаб кетади – “Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради”. Эшитяпсизми – кўп ҳосил беради! Ёзувдан биз шуни тушунамизки, қандайдир ички самара мавжуд – қандайдир маълум фазилатлар ва ташқи самара – бу Худони улуғлаш учун бўлган ҳаракатлар ва Унинг Шоҳлигини ёйишга қилинаётган интилишлар. МУҚАДДАС РУҲНИНГ ИЧКИ САМАРАСИ Биз олиб келишимиз керак бўлган ички самара биз томондан етиштирилмайди. Бу биз Раббий Исога содиқ бўлганимизда, ёки Исонинг Ўзи айтишича, биз новдада бўлганимизда бизнинг ичимизда етиладиган самара. Биз Раббийга қанчалик яқин бўлсак, шунчалик кўп бизда ҳаракат қилувчи Муқаддас Руҳнинг кучига таянамиз, шунчалик тез бизда бу самара ривожланади. Уни бир йўл билан ўстириш мумкин, - Раббий билан бирга бўлиш ва ҳаётимизнинг ҳар бир кунида ва ҳар бир соатида Унинг бошчилигини тан олиш ва бўйсуниш. Шунинг учун ҳам бу самара – Унинг самараси. Ҳаворий Павлус Галатияликларга мактубда (5:22-23) шу ҳақда ёзган: “Илоҳий Руҳнинг самараси эса – севги, қувонч, тинчлик, узоқ сабр-тоқат, эзгулик, меҳрибонлик, имон, мўминлик, ўзини тия билиш”. Тор-мор бўлиш – бу покланиш жараёнидир. Бу жараёндан Худо бизда Ўзига ўхшаш ички самарани ўстириш учун фойдаланади. Худонинг биздаги ҳаракатлари Худо биз учун нималардир қилишини ҳамма хоҳлайди. Бизнинг ибодатларимиз илтижоларга тўла, токи Худо шишадан чиққан жин сингари, бизнинг барча хоҳиш-истакларимизни зудлик билан бажаришини истаймиз! Ҳа, замонавий илоҳиёт ҳам ҳозирда кўпроқ инсон ва унинг эҳтиёжлари ҳақида гапиради. “Эй Худо, Сен менга шифо беришингни хоҳлайман... Раббий, мени бой ва бадавлат қил... Эгам Парвардигор, мени марҳаматла ва ҳимоя қил... Худованд, мен учун уни қил... мен учун буни қил...” Аммо коинотнинг маркази биз эмас, балки Худо эканини биз эсимиздан чиқарамиз. Биз Худога хизмат қилишимизни У талаб этади. У югурдак бола эмас. Ахир У – ҳамманинг Ҳукмдор Худоси. Худодан биз бирор нимани талаб қилганимизда, биз ўзимизга ниҳоятда ортиқ даражада бино қўямиз. Биз Худо билан тўғри муносабатда бўлишимиз лозим, токи биз Унинг ихтиёрида бўлайлик. Худо – бизнинг ҳаётимиз. Худосиз ҳаёт йўқ – на бу ерда, на ёруғ оламда, на абадиятда, на самоларда. Исо бизга ҳаёт бергани, яъни тўла-тўкис ҳаёт инъом қилгани келган. Бизнинг ҳаётимиз – Худодан, бизда яшаётган Унинг ҳаёти эса – бу Унинг табиати ва Унинг иродаси. Биз Худога бошқача қараганимизда, биз бутпарастликка бериламиз. Биз Худони изламай, хоҳлаган нарсаларимизни У бажо келтиришини истаганимизда, биз Худога итоат этмай қўямиз – Худо бизни нималар биландир таъминлаши қобилиятига сажда қиламиз. Бошқача қилиб айтганимизда, биз моддий нарсаларга сажда қила бошлаймиз. Бутлардан воз кечиш Бутпарастлик турлича бўлиб, ниҳоятда такомиллашган ва нозик шаклларни қабул қилиши мумкин. Худо сизни тор-мор қилиш ва азоб-уқубатга дучор қилиш йўли орқали, нималаргадир ёки кимларгадир сохта эътиқод қилишингиздан озод этганини қачонлардир англаб етасиз. Менга ишонинг, бунинг учун бутпараст бўлиш керак эмас. Кунларнинг бирида мен уйимдаги барча суратга тушириш анжом-ускуналаридан халос бўлдим. Олдинига мен уларни ломбардга бериб, яъни гаровга қўйиб пул олдим, кейин эса шундай кунлар келдики, мен фотоаппаратимни сотиб юбордим. Узоқ йиллар давомида қимматбаҳо камера ва расмга тушириш ускуналарини қайтариб олиш учун пул ажратиб юрдим. Бир куни жамоатимизда муаммолар пайдо бўлди. Уларни хал қилиш учун қўшимча маблағ зарур бўлиб қолди. Муаммолардан имкон қадар тезроқ қутулиш мақсадида мен учун ниҳоятда қадрли бўлган фотоаппаратимни сотиб юбордим. Бу осонликча бўлмади. Бундай қурбонликка мен ичимдан қанчалик тайёр бўлмайин, ўз асбоб-ускуналаримни магазинга олиб келиб сотиш ва пулларни жамоатга олиб бориб бериш жараёни, - мен учун бениҳоят оғир бўлди. Ичимда нимадир узулгандай бўлди. Аммо ўзим учун қадрли бўлган фотоаппаратдан қутулганимда, мен қалбимда енгиллик сездим. Худо менда ҳаракат қилаётганини кўрдим. У менинг инъомларимни нафақат жамоатда юзага келган муаммоларни хал этишда фойдаланди, балки менинг муаммоларимни хал қилишда ҳам қўллади. Мен учун қимматли бўлган моддий нарса - бойликларимни тутиб турган қўлларимни Худонинг ўзи очди. Мен ҳақиқатдан ҳам ўз бойликларимни “берганимдан” кейин ва моддий бойликларига бошқача муносабатда бўлганимдан сўнг, Худо ажойиб тарзда, фақатгина Унга маълум бўлган усул ёрдамида менинг бутун асбоб-анжомларимни қайтариб берди. Бир неча ой олдин, кунларнинг бирида эшигимнинг қўнғироғи жиринглаб қолди. Эшикни очганимда, йўлакда иккита сумка кўтариб турган аёлни кўрдим. У сўради: “Доктор Стенли сиз бўласизми?” Мен ижобий, тасдиқловчи жавоб берганимдан кейин, у ерга иккита сумкани қўйди-да, ўгирилиб чиқиб кетди. Мен сумкаларни очдим ва ичида ўзимнинг фотоаппаратларимнинг ҳаммасини кўрдим. Мен ўз асбоб-ускуналаримни олиб бориб сотган дўконга телефондан қўнғироқ қилдим ва сотувчининг қуйидагича жавобини эшитдим: “Ҳа, сиз бизга сотган барча аппаратларингизни қандайдир эркак сотиб олди ва ўзини таништирмай, харид қилинган нарсаларни сизнинг уйингизга етказиб беришни буюрди”. Фотокамера ва барча ускуналар номаълум одамнинг совғаси эмас. Бу Худонинг юборган совғаси эди! Шунга ўхшаш ҳодисаларни, бошқа одамларнинг ҳаётида ҳам кузатишимга тўғри келган. Агар биз учун Худога итоат этишдан муҳимроқ ва қадрлироқ нарсалардан воз кечадиган бўлсак, У кўпинча бунинг ўрнига бизга янада қимматлироқ ва фойдалироқ нарсаларни инъом этади. Баъзида Худо биз Унга берганимизни, ўзимизга қайтаради. Гоҳида эса У бошқачароқ ҳадяларни беради. Ва мана шу бошқачароқ нарсалар ҳар доим олдингисидан яхшироқ бўлади. Худди шундай қарашлар одамлар ўртасидаги муносабатларда ҳам кузатилади. Масалан, ёшгина йигитга бу қизнинг орқасидан юришни бас қилиш кераклигини, ёки бўлмаса, бу қиз ўша йигитга турмушга чиқмаслигини Худо йигит ва қизга аниқ, равшан қилиб кўрсатади. Буларни бошдан кечириш оғир. Севишганлар бундай вазиятларда севгини йўқотганларидан қалбларида оғриқ ҳис қиладилар. Аммо агар ўз иродамизни Худонинг иродасига бўйсундирсак ва ҳақиқатдан ҳам муносабатларни тўхтатсак, Худо одамларга улар айрилганларидан бирмунча яхшироқларини ҳадя қилади. Янгича ўзаро муносабатларда Худо асосий ўринни эгаллайди. Ана шунда ҳамма ўз ўрнини эгаллагани тўғри бўлади. Баъзида биз Худо учун воз кечган одамимизни У бизнинг ўзимизга қайтариб беради. Яна кимларгадир Худо оила қурмай, ёлғиз яшаш лозимлигини айтади. Ва шундай ҳаёт бу одам учун гўзал бўлади. Энг муҳими, бизнинг ўзаро муносабатларимизда биринчи ўринда Худо туриши керак. Бизни тор-мор қилиб Ўзига бўйсундирар экан, Худо айнан мана шуни хоҳлайди. Менинг фотокамераларимга келсак, мен уларни олдингидай қалбимда сақлаган ҳолда, магазинга олиб бориб беришим мумкин эди. Фотоаппаратимдан айрилиб қолаётганимни ўйлаб, менинг дилим оғриши мумкин эди. Ёки ҳаммасини энди қандай қайтариб оламан, деган фикр мени адойи тамом қилиши мумкин эди. Аммо бундай ўйлар мени Раббийга ҳеч нарса бермаганимни англатиши мумкин эди. Бироқ шуни ҳам айтиш лозимки, қимматбаҳо бирор нарсасидан - хоҳ у моддий, хоҳ руҳий нарса бўлсин, онгли тарзда айрилаётган одамнинг шундай хулосага келиши – бу табиий ҳолдир. Сиз Худонинг сўзларига кириб, кимдандир ёки нимадандир айрилиб қолишингиз мумкин, бироқ қалбингизда ҳамон ўша одамни ёки нарсани қўмсайверасиз. Шундай айрилиқдан сиз ўзингизни койийсиз ва кўнглингиз ғаш бўлиши мумкин. Сиз йиллар мобайнида бундай йўқотишдан оҳ-воҳ қилиб юришингиз мумкин. Лекин Худо сизга бирор нимадан воз кечишни айтган бўлса – воз кечинг! Бутун қалбингиз билан воз кечинг. Худо – бу бизнинг ҳамма нарсамиздир Азоб-уқубатга дучор бўлиш бизни беҳол ҳолатга олиб келади ва биз шундай деймиз: “Мен учун энг муҳими – бу Худонинг менинг ҳаётимда борлиги”. Бу - биз тўлиқ Худонинг ҳукмида эканимизни англатади. Худо бизда фақатгина ташқи - дўстларимизга кўрсата олишимиз мумкин бўлган ва уларни атрофдагиларга мақташимиз мумкин бўлган самараларни эмас, балки ички ҳис-туйғуларимизни ўзгартиришини биз хоҳлаймиз. Худонинг юксак марҳаматлари ва ҳузур-ҳаловати – бу У бизда ўтказаётган ўзгаришларидир, уларнинг энг асосийси эса – Масиҳга ўхшаш бўлишдир. Бизлардан айримларимиз эрта тонгда Худо ҳақидаги ўй-фикрлар билан ва У бизга нима қилишни айтишини ўйлаб, уйқудан уйғонамиз. Кўпчилигимиз ўрнимиздан туришимиз биланоқ, биз нима қилмоқчи эканимиз ҳақида ўйланамиз. Биз фақат ўзимиз ҳақимизда ўйлаймиз – ўз эҳтиёжларимиз, учрашув ва режаларимиз, ўз истакларимиз тўғрисида бош қотирамиз. Худо бизни, биз фақатгина Унинг ўй-фикрлари ва Унинг иродаси ҳақида ўйлай бошимиз учун тор-мор қилади. Биз қуйидагича ибодат қилишимиз лозим: “Эй Худованд, Сенинг улуғворлигинг учун мен нима қилишимни хоҳлайсан?” Масиҳга ўхшаш бўлиш Руҳ самараси ҳақида айтган ҳаворий Павлуснинг гаплари, - бу Исо Масиҳнинг фазилатларидир. Айнан Унга биз ўхшашимиз керак. Мана Масиҳга хос хислатлар: Севги. Қурбонлик қилувчи севги – бу Исо Масиҳни бошқалардан ажратиб турадиган фазилат. Севги – бу ўзини қурбон қилишга тайёрлик қобилияти, қурбонлик ва яна бир бор қурбонликдир. Биз ўзимизнинг калондимоғлигимиздан ва худбинлигимиздан воз кечмас эканмиз, бундай севгига ҳеч қачон эриша олмаймиз. Қувонч. Гуноҳ асирлигида бўлган одам чинакамига севина олмайди. Хурсандчилик ва севинч сиз қутқарилганингизни англашингиздан келиб чиқади. Ҳар сафар Худо бизни бўйсундириб, азоблардан олиб ўтар экан, биз гуноҳ устидан ғалаба қозонамиз ва қайғу ўз ўрнини севинчга бўшатиб беради. Кимда ким ҳақиқатдан Худонинг тор-мор қилиш жараёнини бошидан ўтказган бўлса, мен қандай қувонч ҳақида гапираётганимни билади. Агар одам ҳамма нарсани ўзи билганича бажармоқчи бўлса, у инсоний нуқсонлар, иллатлар ва хатоларга занжирбанд қилинган бўлади. Бундай одамнинг ҳамма нарсадан кўнгли қолади ва бошқаларнинг муваффақиятига ҳасад қилади. Унда ҳеч қандай севинч бўлмайди. У бир лаҳзалик хурсандчиликни ҳис қилиши мумкин – аммо ҳақиқий қувонч ва хурсандчилик нималигини билмайди. Ким бошидан қийинчиликларни ўтказиб, Худога юз тутган бўлса, ўзгача хурсандчиликни – кутиш, умид севинчини ҳис қилади. Бундай одам шундай дейди: “Бугун Худо менга нимани очиб беришини интизорлик билан кутаман”. Худо бизнинг ҳаётимизни тўлиқ назорат қилганда, ҳаётимиз саргузаштга айланади! Хотиржамлик. Тор-мор қилиш ва итоат эттириш Масиҳ дунёсини яратади, бу дунё бизнинг борлиғимизни тўлдиради. Биз ўз ҳаётимизни Худога топширганимизда, биз шундай деймиз: “Раббий, мен – Сеникиман. Мен билан истаганингни қилгин. Менинг ҳаётим ва вақтим – Сенинг қўлларингда”. Биз тўлиқ тинчлик ва хотиржамликда бўламиз, чунки Худо бизда ва биз орқали бизнинг абадий эзгулигимизга хизмат қиладиган ҳаракатларни амалга оширади. Биз ўзимизни тўлиқ ва тамомила Унга топширамиз. Бунинг натижасида эса хотиржамликка эришамиз. Энди бошқа курашишимизга ҳам зарурат қолмайди. Эндиликда биз ўз кучимиз билан олдинга юришимизга, муваффақият қозонишимизга ва қилган ишларимизнинг натижа-оқибатларига жавоб беришимизга ҳожат йўқ. Худо ҳаммасини Ўзи назорат қилиб туради. Биз Унинг қўлларида дам олиб ҳордиқ чиқаришимиз мумкин. Худонинг хотиржамлиги - бизнинг марҳаматимиз, ҳузур-ҳаловатимиз ҳисобланади. Ҳаворий Тимўтий шундай ёзган: “Қаноатли ва Художўй бўлиш – бу буюк эгаликдир” (1 Тимўтийга 6:6). Узоқ сабр-тоқат. Шон-шуҳратга эришиш учун биз бошқалар билан мусобақалашаётганимизда, биз ҳар қандай сабр-тоқатни йўқотиб қўямиз. Ҳамма ишни имкон қадар тезроқ бажаришни хоҳлаймиз. Худо бизни тор-мор қилиб итоат эттирганда, биз ўз режаларимизга ва Унинг амрларига янгича қарай бошлаймиз. Бизнинг ҳаётимизга нисбатан бўлган Худонинг мақсади ҳамма нарсадан устун туради. Биз уни ҳаттоки тасаввур ҳам қила олмаймиз. Биз тўлиқ Худога тегишли эканимизни тушунганимизда, Уни ва У бизга бермоқчи бўлган бутун инъомларни кутишимиз бизга анча осон бўлади; Худо барча ҳаракатларни Ўзининг усуллари ва Ўз вақтида ўтказишини билган ҳолда, биз ўзимизга яқин одамларнинг ҳаётини Унинг ихтиёрига топширишимиз осон бўлади. Эзгулик (хайрихохлик, яхшилик). Бизни Муқаддас Руҳ истаги эмас, тана истаги қамраб олганда, биз ҳамма ишни ўз билганимизча, ўзимиз хоҳлаганимизча бажарамиз. Биз ўзимизнинг айтганимизни қиламиз, бунинг устига қатъиятлик ва ўжарлик билан. Бизни таниш-билишларимизнинг ва атрофдагиларнинг фикри қизиқтирмайди, барча нарсани ўзимизники деб ҳисоблаймиз, бизнинг фикримиз бўйича, бизга тегишли бўлган нарсани кимдир олмоқчи бўлса, уни йўқ қилмоқчи бўламиз. Тор-мор бўлишимиз, бизнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқимизнинг йўқлигини тушунишимизга олиб келади. Бизнинг барча ҳуқуқларимиз Худога тегишлидир. Биз ҳаммадан олдинга ўтиб кетишга интилишдан, рақибимизни енгишдан, истаган нарсамизни олишдан ўзимизни тиямиз. Кўнгилчан бўлиш заифликни англатмайди. Шайтон васвасаларига қарши курашда биз ҳар доим қатъиятликни намоён қилишимиз керак. Биз ибодатда қатъий, Масиҳ ҳақида гувоҳлик бераётганимизда эса ҳар доим рашкчи бўлишимиз даркор. Аммо биз тор-мор бўлиб бўйсунганимиздан кейин, ҳаворий Павлуснинг Эфес шаҳридаги Худонинг азизларига йўллаган мактубидаги қуйидаги сўзларнинг маъносини аниқ англаб оламиз: “...Бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир” (Эфесликларга 6:12). Ҳаворий Павлус, бундай кураш учун “Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлишимиз лозим” деган (қаранг: Эфесликларга 6:10). Коринфдаги имонлилар жамоатига эса ҳаворий шундай дейди: “Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар” (1 Коринфликларга 16:13). Бизнинг курашимиз одамларга қарши эмас, бизни йўлдан оздираётган душманларга қаратилганига аниқ ишонч ҳосил қилганимизда, биз атрофдагиларга нисбатан эзгулик билан муносабатда бўламиз. Гарчанд биз гуноҳни ёмон кўриб, васвасага солувчилар билан аёвсиз жанг қилсак-да, биз гуноҳкорни севишга қодирмиз. Раҳм-шафқат. Тор-мор бўлиш жараёнини бошимиздан кечирганимиздан кейин, бизда яшаётган Муқаддас Руҳ туфайли биз раҳм-шафқат намоён қилаётганимизни тушунамиз. Марҳаматли ва раҳмдил Худо бизда ва биз билан яшайди. Худо Ўз табиатига кўра мурувватли ва эзгу ниятли бўлгани учун, Унинг вужудимизда ҳозиру нозир бўлиши бизни эзгу ва мурувватли ишларни бажаришга ундайди. Бизни тор-мор қилиб, бўйсундирмоқчи бўлган Худога биз қарши чиқсак, биз дунёвий табиатимиз ва ўзимизнинг ёвузлик ва яхшилик, нима яхши-ю нима ёмон ҳақидаги тушунчаларимиз билан ёлғиз қоламиз. Биз юқори баҳо берган нарсалар, охир-оқибатда бизни уялтириб бошимизни эгиб қўяди. Чиройли юз тузилишга ва қадди-қоматга эга бўлиш мумкин, аммо жозибадорликка эмас; зукколикка ва доноликка эга бўлиш мумкин, аммо тўғри жавоблар топиш қийин; яхши маош олиш мумкин, бироқ аранг тирикчилик қилинади; обрў-эътиборли оилада таваллуд топиш мумкин, лекин ҳаётда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Худо нимани юқори баҳоласа, ана ўша ҳақиқатдан марҳамат бўлиб хизмат қилади. Раҳм-шафқат кечиримда намоён бўлади. Биз тор-мор қилинганимизда, бизга нисбатан унчалик яхши муносабатда бўлмаган одамлардан бизга қандайдир ҳиссий қарзни қайтаришларини талаб қилмаймиз. Биз одамларни алдашга, бажарган ёки бажармаган ишлари учун уларни назорат қилишга ёки жазолашга интилмаймиз. Биз ҳеч кимга ёмонлик қилмаймиз, ибодатларимизда эса шундай деймиз: “Эй Худованд, бу одам Сенга тегишлидир. Мен Сенга тўлиқ ишонаман ва бу одамни Сенинг қўлларингга топшираман. Қандай лозим топсанг, Сен унда шундай ҳаракат қилгин”. Худонинг раҳм ва шафқати одамларда эзгуликни топишимизга бизни мажбурлайди ва бошқаларни имкон қадар яхшилик қилишга ундайди. Меҳр-шафқат муҳтожларга ёрдам беришга, Раббийни билмаганлар учун ибодат қилишга, зорланган ва жабрланганларни ҳимоялашга чорлайди. Исо Масиҳ нима қилган бўлса, ҳаммаси эзгуликдир. Бизда яшовчи Муқаддас Руҳ бизга раҳм ва шафқатли эканлигини англаганимизда, биз Исо Масиҳ сингари эзгу ишларни амалга ошира оламиз. Имон (садоқат). Биз ўзимиздан воз кечиб Худога бўйсунмагунимизча, бизнинг истакларимизни бажарадиган, бизга ёрдам берадиган ва бизни севадиган қандайдир кимсани биз ҳар доим излайверамиз. Биз ҳар қандай чиройли ва келишган учраган одам билан хушомадгўйлик қиладиган куёв-қаллиққа ўхшаймиз. Бизни чинакамига севадиган ва ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган Худога нисбатан биз бевафолик қиламиз. Худо ҳеч қачон бизнинг кўнглимизни қолдирмайди ва севишдан чарчамайди. Тор-мор бўлгач ва бўйсунгач, биз шундай дейишимиз мумкин: “Мен чиндан ҳам Раббий, Сенга тегишлиман, Сендан бошқа ҳеч ким менинг ўлмас қалбимга ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳеч қачон даъво қила олмайди. Сен – менинг Худоимсан”. Бу чинакам садоқат намоёнидир. Исо Масиҳ ҳеч қачон, бир лаҳзага ҳам Отани ташлаб кетмагани сингари, биз ҳам ўзимизда яшовчи Муқаддас Руҳ шарофати билан Ота билан доимо бирга бўлишга ва Уни бир лаҳзага ҳам қолдирмасликка интиламиз ва шуни хоҳлаймиз. Мўминлик. Биз тор-мор бўлмагунимизча ва Худо олдида бош эгиб итоат этмагунимизча, ўз эҳтиёжларимизни қондиришни Худода эмас, бошқа жойдан қидирамиз. Биз ўзимизга қараб туриб, барча эҳтиёжларимизни ўзимиз қондира олмаслигимизни осонликча тушуна бошлаймиз. Шунинг учун ёрдам учун биз бошқа одамларга мурожаат қиламиз. Улар бизни яхши кўришларини, бизга меҳрибонлик қилишларини, парваришлашларини ва оғир дақиқаларда юпатишларини биз талаб қиламиз. Охир-оқибатда атрофимиздаги одамлар бизга ёрдам бера олмасликларини, ўз навбатида эса, биз уларга ёрдам бера олмаслигимизни тушунамиз. Одамлар – ёрдам беришнинг энг ишончли манбаи ва эҳтиёжларимизни қондирувчи кон эмаслигини англаб оламиз. Хўп, шунда биз нима қиламиз? Биз улардан хафа бўламиз, аччиқланамиз ва ғазабланамиз. Худди шундай ҳис-туйғулар бизни қамраб олса, нима юз беради? Биз шу заҳотиёқ мулойимликни эсимиздан чиқариб қўямиз! Биз одамларни ҳақорат қила бошлаймиз ва шахсиятига тегадиган гапларни гапирамиз. Биз қўполлик қиламиз, ҳамманинг олдида уларни камситамиз ва устидан куламиз. Биз улар билан ўртадаги муносабатларни узамиз. Аслида эса, фақатгина Исо Масиҳ бизнинг барча орзу-умидларимизни амалга ошириши мумкин. Фақатгина У ҳақиқатдан ҳам истакларимизни қондиришга, барча муаммоларимизни ҳал этишга ва бизнинг қайғу-ҳасратларимизни тушунишга қодир. Биз нимага эҳтиёж сезсак, ҳаммасини фақатгина У бериши мумкин – шу ҳаётда ҳам, шунингдек, келажак ҳаётда ҳам. Итоат этиб бўйсунишимиз туфайли биз атрофдагиларга нисбатан мўмин-қобил ва мулойим бўлиб қоламиз, чунки Худо бизга нисбатан мўмин-қобил ва мулойим эканини биз англаб етамиз. Худо атрофимиздаги одамларни ўзгартиришига биз ишонамиз ва биз улар билан мустаҳкам, соғлом муносабатларни ўрната олишимизга қатъий ишонамиз. Бундай муносабатлар эса бизни ҳолдан тойдирмайди, аксинча, бизни бойитади. Чидамлилик (ўз-ўзини назорат қилиш). Биз ўз ҳаётимиз устидаги назоратни Худога топширганимизда, У ҳаётимиз назоратини ўзимизга қайтаради. Шайтоннинг барча васвасаларига “йўқ”, деб жавоб беришимизга У бизга куч ато этади. Бизда қутқарилмаган одамда йўқ қобилият ва имконият, - ёвузликка қатъият билан қарши туриш қобилияти ва имконияти пайдо бўлади. Худо ҳар доим бизда бўйсундирмоқчи бўлган нарса – бу ўзимизнинг очофат эҳтиёж ва истакларимизни қондиришга бўлган интилиш. Биз Худо хоҳлаганини исташимиз учун, У бизни тор-мор қилади. Биз эҳтиёж сезган ва муҳтож бўлган, қолаверса, бизга хурсанчилик олиб келадиган нарсаларни Худо бизга беришни хоҳлаётганини англаб етамиз. Кўпинча, биз кутмаган ва ўйламаган нарсалар бизнинг энг чуқур қалб истакларимизни қондиради. Бўйсундириш ва тор-мор қилиш жараёни, истакларимизнинг ўзгаришига олиб келади. ХУДОНИНГ ҲУЗУРИ БИЗДА МАВЖУДЛИГИНИНГ ТАШҚИ САМАРАСИ Кўпчилик масиҳийлар, улар келтиришлари керак бўлган ташқи самара, хизмат деб номланмиш, “жамоат фаолияти”да намоён бўлади, деб ишонадилар. Масиҳийча ҳаёт кечириш улар учун доимий равишда жамоат йиғилишларига боришни, Муқаддас Китобни мутолаа қилишни, ибодатни, жамоатга келишга таклифномаларни тарқатишни, шунингдек, турлича ҳаворийлик жамоатлари ва масиҳий ташкилотларда аъзо бўлишни англатади. Тор-мор бўлиб Худога бўйсунгандан кейин, биз Масиҳ ҳақида самарали гувоҳлик бера бошлаймиз. Биз келтиришимиз керак бўлган ташқи самара Унинг ҳақиқатини эълон қилишдан ва йўлимизда учраган барчага ёрдам беришдан иборатдир. Биз Унинг севгиси ва куч-қудрати ҳақида гувоҳлик беришга даъват этилганмиз: ...Улар яхши ишларга бой, хайрихоҳ, сахий ва ҳамма билан суҳбатдош бўлсинлар... 1 Тимўтийга 6:18 Раббингиз Масиҳга юракларингиздан муқаддас жой беринглар. Дилингиздаги умид ҳақида сиздан ҳар бир сўраган кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар. 1 Бутрус 3:15 Ибодат қилишнинг, Муқаддас Китобни ўқиб-ўрганишнинг ва мунтазам равишда жамоат йиғилишларига боришнинг асосий мақсади шундан иборатки, токи биздан ёрдам талаб қилинганда, биз нима қилишимиз ва нима дейишимиз кераклигини тушуниб олишимиз лозим. Тиғиз пайтда ўйлаб ўтиришга вақт йўқ. “Масиҳийлик билимлари” бизни масиҳийларга айлантириб қўймайди. Фақатгина шунда биз ҳақиқий масиҳийча ҳаётга, Муқаддас Руҳнинг бошчилигида Масиҳ Танасида бир-биримизга хизмат қилишга ва имонга келмаган ва бизнинг ҳаётимизни синчковлик билан кузатаётганларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик беришга ўрганамиз. Юқоридаги бобда айтиб ўтганимиздек, Раббий маълум бир хизматни адо этишга бизни даъват қилади. Бунинг учун У бизга иқтидор ва қобилият ато этган ва шундай хизматга бизни тайёрлаган. Аммо биз ҳар куни бажарадиган ишларимизда ва қабул қиладиган қарорларимизда Муқаддас Руҳнинг бошчилигига таянишимиз керак. Бизни тор-мор қилишнинг ва Худога бўйсундиришнинг мақсади, биз бир насани англаб олишимиз керак – ҳаётимиз энди бизга тегишли эмаслигини тушуниб етиш. Бизнинг ҳаётимиз Масиҳга тегишлидир. Биз У хоҳлаганидек яшашимиз лозим. Тор-мор бўлиш туфайли, бизнинг хизматимиз чиндан ҳам ўз иродамизни Худонинг иродасига бўйсундирганимиздагина ва Худога биз орқали ҳаракат қилишга имкон берганимиздагина самарали бўлади. Бизнинг ҳаётимиздаги турли бегона ўтларни тозалаб ташлашга Худога қанчалик кўп имконият берсак, биз шунчалик кўп самара келтирамиз. Агарда сизнинг узумчиликдан хабарингиз бўлса, бу ҳолда ҳар йили токларни кесиб туриш кераклиги ҳақидаги гапларни эшитгандирсиз. Токнинг эскирган, қуриб қолган новдалари кесиб ташланади. Ҳосилсиз қиш вақтларида новдаларни кесиш жараёни шафқатсизликка ўхшайди, аммо баҳор фаслида янги новдаларнинг кўкариб чиқиши эски новдаларни кесишдан мақсад нима экани тушунарли бўлади. Шу тарзда тозаланган новда кўпроқ ҳосил беради. Томирдан озуқа шарбати шоҳлар орқали мўл-кўл ҳосил берадиган янги новдаларга боради. Кесиб ташлангандан кейин қолган новдалар “серҳосил” деб аталади. Бизда ҳам худди шундай тозалаш жараёнини Муқаддас Руҳ амалга оширади. Гуноҳ ва нуқсонлар биздан қанчалик кўп чиқиб кетса, биз шунчалик кўп самара келтиришга қодир бўламиз. Худо бизни поклаганидан кейин, биз яқинларимизга кўпроқ ва яхшироқ хизмат кўрсатишимиз мумкин. Масалан, кимлардир ниҳоятда ширинсўз сухандон ва туғма иқтидор қобилиятига эга бўлиб, бошқалардан ажралиб туриши мумкин. У қиз ёки йигит баркамол шахс, ажойиб ва гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиши мумкин. Лекин агар бу иқтидорли инсоннинг қалбидаги марказий ўринни Худо эгалламаса, унинг гап-сўзида ва юриш-туришида муғомбирлик, иккиюзламачилик ва худбинлик намоён бўлади. Биз ўзимизни тўлиқ Худога топширганимиздагина, бизнинг барча туғма иқтидорларимиз гуллаб-яшнаши ва олқиш олиши мумкин. Худо сиз учун атаб қўйган нарсаларга ҳақиқатдан ва чин дилдан эга бўлишни хоҳлайсизми? Худо сиз учун тилаган истакларга чин дилдан етишишни истайсизми? Сиз Худонинг марҳаматларини олишга ҳақиқатдан ҳам интиляпсизми? Ўзгаришга, Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзига ўхшашга ва яқинларимизга хизмат қилишдаги янги кучга эга бўлишга олиб борадиган йўл, албатта тор-мор бўлиш, Худога бўйсуниш орқали ўтади. Худонинг бошқа йўли йўқ. Тор-мор қилиб бўйсундириш – бу марҳаматга етакловчи Худонинг йўли. Сизнинг қалбингизда бугун Ўз меҳнатини амалга оширишига Худога ижозат беринг. У сизга ўргатаётган ҳақиқатни қабул қилинг. Ўз иродангизни Унинг иродасига бўйсундиринг. Ана шундагина Раббий сизга атаб нималарни ҳозирлаб қўйганини кўрасиз! С НОВОЙ СТРАНИЦЫ 10 – боб МАРҲАМАТЛАР ҲАҚИДАГИ ВАЪДА Марҳамат нима? Ҳозирги кунда “марҳамат” сўзини “эсон-омонлик”, “фаровонлик” сўзи сифатида изоҳлайдилар. Шубҳасиз, маълум миқдордаги пул маблағига эга бўлиш ва ҳаражатларни тўлаш имконияти марҳаматнинг бир қисми экаНига мен ишонаман, аммо Худонинг ҳақиқий марҳамати ҳар қандай яхшигина маблағдан, кўчмас мулкка эга бўлишдан ёки тўпланган бисотдан анча устун туради. Кўпгина ёлғиз бўйдоқ йигит-қизлар “марҳаматни” турмушга чиқиш ёки уйланиш сифатида таърифлайдилар. Ота-оналар эса ўз фарзандларини марҳамат, деб ҳисоблайдилар. Соғлик-ҳотиржамлик, гўзаллик ва яхши иш – булар ҳам Худонинг марҳаматларидир. Бироқ бу нарсалар қанчалик ажойиб бўлмасин, Худонинг марҳаматига аниқ ва равшан изоҳ бера олмайди. Худонинг марҳамати – бу абадий неъматлар олишимизга бағишланган ҳадядир. Ҳақиқий марҳамат ҳар доим вақтдан ташқари бўлган нарсаларни ўзида мужассам қилади. ҲАВОРИЙ ПАВЛУСНИНГ ТОР-МОР БЎЛИШИ ВА МАРҲАМАТЛАНИШИ Ҳаворий Павлус тор-мор бўлиш қандайлигини билар эди. У шунингдек, Худонинг марҳамати нима эканини, айниқса, тор-мор бўлиш даврида келадиган марҳаматни ҳам билар эди. Ҳаворий Павлуснинг ҳаёти – бу Янги Аҳднинг ажойиб мўъжизаларидан биридир. Бўлажак ҳаворий Тарсда туғилади, унга Шоул деган исм берадилар. Унга ниҳоятда яхши таълим беришган – у тақводор яҳудий оиласида тарбия олган, аммо Рим фуқароси бўлган. Диний рашк руҳида бўлган Шоул илк масиҳийларни таъқиб қилган, уларнинг кўпчилигини қамоқхоналарга ва қатлга юборган. Кунларнинг бирида у Исроилнинг ташқарисида масиҳийликни тарғиб қилиб юрганлар билан курашиш учун Дамашққа кетаётганда, Шоул Исо Масиҳ билан учрашиб қолади. Рашкчи яҳудий кўзни қамаштирадиган нурни кўради ва унга мурожаат қилаётган Масиҳнинг овозини эшитади.У Масиҳнинг қаршисида тиз чўкади, Унга ўз ҳаётини бағишлайди ва Худонинг кечиримига эга бўлади. Павлус иродали ва қатъиятли одам бўлган. Қандай қилиб бўлса ҳам, у ўз вазифасини аъло даражада бажарган. Раббий Исо Масиҳ уни қутқарганда, Павлус ким бўлган? Қимматбаҳо, аммо ишлов берилмаган тош бўлган. Худо бу қимматбаҳо тошни қирралашни бошлади. Бу қирралаш Павлуснинг тор-мор қилинишида намоён бўлган. Павлус уч йил Арабистонда бўлди, кейин яна Дамашққа қайтди. У ерда нималар билан шуғулланганини биз билмаймиз, аммо уч йилдан кейин Павлус Қуддусга борганда Раббимиз Исонинг укаси Ёқуб билан Бутрусни учратади ва ўша ерда ўн беш кун қолиб кетади. Ундан сўнг Сурия ва Киликия мамлакатларига боради. Фаол хизмат қилишни бошлагунига қадар орадан ўн тўрт йил вақт ўтади. Шу йиллар мобайнида Раббий Павлусни азоб-уқубатлар ва ваҳий орқали махсус хизматга даъват этган (қаранг: Галатияликларга 1:15 – 2:1). Павлусни, у Хушхабарни “Исо Масиҳдан ваҳий олган” ва Худо “мурувват қилиб... дунё халқлари орасида Худо Ўғлининг Хушхабарини тарғиб қилиши учун, Худо Ўз вақтида Ўғлини унга зоҳир қилган” (қаранг: Галатияликларга 1:12, 15-16). Павлус Хушхабарни “...Исо Масиҳдан ваҳий орқали олганини” ва “Худо мурувват қилиб, Ўз инояти билан уни даъват этганини, у дунё халқлари орасида Худо Ўғлининг Хушхабарини тарғиб қилиши учун, Худо Ўз вақтида Ўғлини унга зоҳир қилганини” унинг ўзи айтган (қаранг: Галатияликларга 1:12, 15-16). Павлусдан бошқа ҳеч ким бундай ваҳий олмаган. Худо унга Исо Масиҳ ҳақидаги ҳақиқатни Муқаддас Ёзувлар орқали ва ҳаётий тажриба орқали очиб берган. Худо билан танҳоликда ўтказилган бу йиллар Павлус учун ниҳоятда қимматли ва қадрли эди. Павлус ҳаворийлик саёҳатини бошлаши биланоқ шафқатсиз қувғинларга учради. Уни таъқиб қилишар эди ва аёвсиз уришар эдилар. Уни кўпинча тутиб қамоқхонага ташлашар эди. У бир неча бор кема ҳалокатига учраган. У қаерга бормасин, ўша ерда зудлик билан унинг хизматига қаршилик кўрсатилар эди. Сарсон-саргардон бўлиб юриш, танқид ва шубҳа-гумонлардан азоб чекиш, калака бўлиш, қувғинга учраш ва ноҳақ қораланиш қандай бўлишини Павлус яхши билган. Бирорта одам Павлуснинг хизмат қилиш даврида унинг қисматига тушган шунча азоб-уқубат, дард-алам ва қайғуларни бошидан ўтказмаган бўлиши мумкин. Бу қийинчиликлар унга сабоқ бўлди. Қийинчиликлар Павлуснинг имонда мустаҳкамланишига, униб-ўсишига ёрдам берди. Эҳтимол, азобларда Павлус билиб олган энг муҳим дарслардан асосийлари қуйидагилардан иборат бўлса керак: Павлус ўз имкониятларининг чекланганини ва Худо иноятининг беқиёслигини англаб етди. Бу икки сабоқ ҳар биримиз учун ҳам муҳим ҳисобланади. Биринчи сабоқ: имкониятларимизнинг чеклангани Павлус ўз мактубларида қуйидагиларни ўзлаштириб олганини ҳикоя қилади: у ўзининг кучи билан масиҳийча ҳаёт тарзини юритишга қодир эмас. Римликларга мактубда (7:18-25) биз қуйидагиларни ўқиймиз: Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча, истамаган ёмон ишни қиляпман. Агар истамаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен ўзим эмас, балки ичимда турадиган гуноҳ қиляпти. Мен бундан ушбу қоидани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради. Худонинг Қонунидан ички борлиғим завқ олади-ю, аммо аъзойи баданимда бошқа бир қонун иш кўради: бу қонун онгим маъқуллаган Худо Қонунига қарши курашиб туради ва аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қонунига мени асир этади. Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан? – Худога шукр, раббимиз Исо Масиҳ соясида Ўзи қутқаради! Ҳар биримиз ўз кучларимизни охиригача ишлатиб, бу ҳаётда ҳузур-ҳаловатда яшаш учун на билимга, на кучга эга эмаслигимизни тушунишимизни Худо хоҳлайди. Агар биз бундан сабоқ олмасак, биз ўзимизга – ўтган замондаги кўрсатган хизматимиз ва эришган ютуқларимизга, маълумотимизга ва илмий даражамизга, ўз иродамиз ва такаббурлигимизнинг шахсий кучига ишонишни давом эттирамиз. Худонинг ёрдамисиз биз бу дунёда мўл-кўл ҳаётга ва Самовий Шоҳликдаги абадий ҳаётга эга бўла олмаслигимизни тушунишимиз учун, Худо бизни тор-мор қилади ва азоб-уқубатлардан ўтказади. Иккинчи сабоқ: Худо иноятининг беқиёслиги Азоблардан ўтиш туфайли Павлуснинг олган иккинчи муҳим сабоғи – бу Худо иноятининг беқиёслиги. Коринфликларга Иккинчи мактубда (12:7-10) биз Павлуснинг истиғфор келтириши ҳақида ўқиймиз: “Менга келган одатдан ташқари ажойиб ваҳийлардан ўзимни ҳаммадан юқори тутмаслигим ва кибрланиб кетмаслигим учун, менинг баданимга бир ниш, мени ниқталайверадиган бир шайтон ниши берилди. Буни мендан йироқлаштиргин деб, уч марта Раббимга ёлвордим. Аммо Раббим менга шундай деди: “Сенга берган иноятим етар, менинг қудратим заифликда тугал бўлади”. Шунинг учун Масиҳнинг қудрати менда амал қилсин деб, янада кўпроқ, бажонидил ўз заифликларим билан мақтанаман. Шу сабабдан Масиҳ учун заифликларга, озорларга, муҳтожликларга, таъқиб ва сиқувларга йўлиққанимда, қаноат қиламан. Чунки заиф бўлсам, қудратим ошар экан”. Павлус тўлиқ заифликда бўлганда, Худонинг кучи унда ажойиб тарзда намоён бўлишини у тушунди. Павлус эслаб ўтган “бадандаги ниш” нима бўлганини биз билмаймиз. Аммо биз шуни биламизки, ниш ҳаворийга кўп азоб берган, чунки ниш кучли ва зирқиратадиган оғриқ етказади. Бу “ниш” унинг жисмоний танасига ҳам таъсир кўрсатганини биламиз, чунки ниш унинг “баданига” берилган. Бу “ниш” Павлус ўзини тушкун ва заиф ҳис қилишига мажбур этишини тушунамиз. “Бадандаги ниш” Павлус учун тор-мор бўлиш воситаси эди, пировардида ҳаворий ундан қутулишни сўрамай қўйди (гарчанд Павлус бу нишни йироқлаштиргин деб, Раббийга уч марта ёлворган бўлса ҳам). Ниш Павлусни иноятга олиб келганини у кўрганда, ҳаворий “ниш”га кўникиб қолди: ҳар қандай шароитда Худо у билан бирга эканини Павлус тушунди. Ҳеч қачон менинг танамда шунга ўхшаш “ниш” бўлмаган. Аммо мен ҳаётим давомида бир қанча муаммоларга дуч келганман. Улар менинг назаримда, ҳал қилиб ва енгиб бўлмайдиган тўсиқдай туюлар эди. Мен нима қилмайин, муаммолар бирин-кетин келаверар эди. Бу муаммолар менинг тўғри фикр юритишимга ва уларни ҳал қилиш йўлини топишимга ҳалақит берар эди. Уларни бартараф қилиш учун мен қанчалик кўп ибодат қилмайин, муаммолар мени янада қаттиқроқ сиқар эди. Шу билан бир вақтда, Худога қилаётган хизматим гуллаб-яшнаётганини мен кўрар эдим. Одамлар Масиҳга юз тутиб, қутқарилишга эга бўлар эдилар, олдинлари Хушхабар ҳақида эшитилмаган жойларда Худонинг Каломи ваъз қилиниб, кенг тарқалар эди. Менинг шахсий ҳаётимда юз бераётган азоб-уқубатларимга қарамай (балки, улар туфайли), Худо менда ҳаракат қилишни давом эттирар эди. Баъзида ички қалб оғриғидан мен ниҳоятда азоб тортар эдим. Шунда одамлар менинг олдимга келиб, воизликларим олдингиларга қараганда ниҳоятда самимий эканини, воизликларим қандайдир ўзгача тарзда одамларнинг юракларига кириб бораётганини очиқ-ойдин менга айтишарди. Улар шундай дейишарди: “Жаноб Стенли, сиз орқали Худо менинг ҳаётимни ўзгартирмоқда”. Ва кунларнинг бирида мен дедим: “Эй Раббий, бу Сенинг ҳаракатларинг. Бу ишлар менга тегишли эмас. Агар шахсий ҳаётимдаги бу муаммолар туфайли Сен Ўз мақсадларингга эришар экансан, одамлар бўлса Сенга ҳамду сано айтишар экан, мен юзага келган муаммоларим учун Сенга ўз миннатдорчилигимни билдираман”. Биз азоб-уқубатлар ва дард-аламлар туфайли ўзимизнинг куч ва имкониятларимизнинг охирига етганини билган тақдиримиздагина, Худо иноятининг беқиёслиги ҳақидаги бу сабоқни англаб етамиз. Худо бизда мукаммаллаштириш жараёнини бошлаётганда, биз қанчалик бардош бера олишимизни У аниқ билади. ОЛОВ БИЛАН ТОЗАЛАШ Қимматбаҳо металларни – айниқса, олтин ва кумушни тозалаш, паст даражадан бошланади. Ора-сира жойлашган зарраларнинг баъзи турлари даражанинг кўтарилишига тезлик билан таъсир кўрсатиб, реакцияга киришади ва осонликча эриб бораётган металлнинг юзасига чиқади. Уларни олиб ташлаш жуда енгил кечади. Сўнгра температура янада кўтарилади. Тигель (ўтга чидамли гилдан қилинган қозон)да эриб турган металлнинг юзасига яна бошқа аралашмалар чиқади ва улар ҳам олиб ташланади. Фақат жуда баланд температурада металлни ниҳоятда чидамли аралашмалардан тозалаш мумкин. Худди шунга ўхшаш ҳолат бизнинг ҳаётимизда ҳам юз беради. Бизни тор-мор қилиш ва итоат эттириш жараёни ҳам босқичма-босқич амалга ошади. Металлни тозалашгани сингари, Худо ҳам бизни аста-секин тор-мор қилиб бўйсундиради. Агар Раббий бирданига соҳаларимизнинг энг чуқурларини тозалашга киришганда, биз бундай жараённи кўтара олмаган бўлар эдик. Бундай ҳолат бизнинг нафақат иродамизни эгар эди, балки руҳимизни ҳам барбод қилар эди. Қалбимизнинг туб-тубида томир отган нарсалар тор-мор қилиниш макони бўлган. Биз томондан кучимиз борича қўриқланган ва ҳимоя қилинган, киши билмас ва яширин “зарарли аралашмалар” юзага чиқиб, йўқ қилинган тақдирдагина, биз шундай дейишимиз мумкин: “Раббий, ҳар нима учун менда Худонинг инояти етарли эканини, мен биламан. Мен учун муҳим бўлган барча нарсалардан айрилдим, - менинг иродамдан, менинг хизмат қилиш иқтидоримдан, менинг ҳаётимдан. Менга фақат Худо кераклигини биламан, чунки У менинг ҳаётимга айланди, Унинг иродаси менинг иродам, Унинг хизмати менинг хизматим бўлди”. Мен сиз билан муаллифи номаълум бўлган кичиккина шеър билан ўртоқлашмоқчиман. Бу шеърда олтиннинг оловда тозаланиши ва инсонда намоён бўлган Худонинг инояти ҳақида ҳикоя қилинади. Қимматбаҳо металлга тикилганича Олов ёнида ўтирар эди у, Олов қанчалик кучайгани сари, Шунчалик бўларди нигоҳи жиддий. Металл бардошли эканини билар эди у, Олмоқчи бўлди у фақат соф олтин, Қимматбаҳо тошлар билан безатилган, Олтиндан қуймоқчи бўлди шоҳона тожни. Шунинг учун ташлайди у олтинни ўтга, “Нега?” деб, айтишар кўпчилик унга. Шунда кўз илғамас металл заки, Йўқ бўлди, ялтираб кетди олтин, Аммо ёшларга тўлди интизор кўзлар. Биз фақат кўрдик оловни, уста қўлларин эмас. Бизда яшар эди қўрқув ва гумон. Олтин эса тобора покланар эди Ва акс эттирди ўзида, Кўзлари оташин севгига тўла, Оловга зор тикилган инсон зотини. Эҳтимол, азоб-уқубат етказишдан, Шодланарми севгувчи унинг юраги? Йўқ. Бироқ олов ва хоч ичра У кўрди абадий олтин нурини. Шу сабаб тикилар у оловга Мустаҳкам севги ила, Олов етказмас зиён олтинга, Лекин уни тоза қилишни билади одам. Павлус Худонинг олови кучини ўз ҳаётида ҳис қилди. Айнан шундай ҳолат Худонинг беқиёс марҳаматини тушунишда Павлусга ёрдам берди. ТОР-МОР ҚИЛИБ БЎЙСУНДИРИШГА ОЛИБ КЕЛУВЧИ БЕШТА БУЮК МАРҲАМАТЛАР Тор-мор бўлиб бўйсунишимиз туфайли биз камида бешта марҳаматга эга бўламиз. Биринчи марҳамат: биз Худони яхшироқ тушунамиз Биз тор-мор бўлиб, азоб-уқубатларни ҳис қилганимиздан кейингина, чинакамига Худонинг табиатини тушунишимиз мумкин. “Раббий, менинг ҳаётим Сенинг йўлингдан юрсин!” – деб айтиш жуда осон. Аммо у - Худонинг йўли қандай? Муқаддас Китоб саҳифаларида бизга Эгамиз шундай дейди: “Сизларнинг фикрингиз - Меники эмас, Менинг йўлларим – сизларники эмас... Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан шунчалик баланддир” (Ишаё 55:8-9). Тор-мор бўлиб, бўйсунганимиздан кейин биз Худонинг амрлари аниқ ва тўғрилигини, Унинг ваъдалари қатъийлигини, У вақт ва муддатларни билишини, Унинг ёрдами ҳар доим айни пайтда ва етарлича эканини тушунишни бошлаймиз. Биз Муқаддас Ёзувни яхши тушуна бошлаймиз. Худо инсонларнинг ҳаётида ҳаракат қилувчи маълум қоидаларга эътибор берамиз. Биз Унинг муҳаббатини чуқурроқ тушунамиз. Худонинг муҳаббатига асосланиб У томонидан қабул қилиниш нима эканини, биз яхшироқ англаймиз. Хочнинг маъносини биз янада равшанроқ кўрамиз. Биз Худонинг сабрини ва муҳаббатини, иноятини ва эзгулигини тушунган ҳолда улғаямиз. Биз ўз шахсий тажрибамизда, бардошли бўлиш нима ва қандай эканини англаймиз. Худо ҳаётимизни Ўз қўлларида тутиб туришига биз янада кўпроқ амин бўламиз. Биз бўйсунганимизда, Худонинг куч-қудрати, Унинг Хочи ва марҳамати олдида янада кўпроқ тиз чўкамиз. Бизга Унинг шон-шуҳрати ва Унинг илоҳий табиати намоён бўлади. Биз Унинг ранг-баранг ҳислатларини чуқурроқ ўргана бошлаймиз. Худони ўрганишнинг чек-чегараси йўқ. Бундай марҳамат, аслида, беқиёсдир, чунки Худонинг Ўзи Ўз марҳамати ва муҳаббатида беқиёсдир. Иккинчи марҳамат: биз ўзимизни яхшироқ тушунамиз Худо бизни тор-мор қилганида, биз ўзимизни ўзимиз яхшироқ тушуна бошлаймиз. Биз болалигимиздан бошлабоқ ўз одатларимизни ва интилишларимизни, ўз ҳаётий йўлимизни тўғри баҳолашга қодирмиз. Биз ҳаётимиздаги маълум ҳодисаларни ва уларнинг бизга таъсирини янгича қабул қила бошлаймиз. Биз ўз иллатларимизни ва нуқсонларимизни кўрамиз ва атрофдагиларга севги бера олмаслигимизни ва улардан ҳам қабул қила олмаслигимизни англаймиз. Биз ўзимизнинг тобе эканимизни, чекланганлигимизни ва камчиликларимизни кўрамиз. Қўрқув бизни қамраб олаётганини, ҳаётимизда Худонинг мақсадлари амалга ошишига имкон бермаётганини кўрамиз. Биз шунингдек, Худо бизга қандай иқтидор ва қобилиятлар инъом этганини тушунамиз. Худо бизни қандай ўзгартираётганини ва халос қилаётганини биз кўрамиз. Тор-мор бўлиш даврида Худо бизнинг устимизда қандай меҳрибонлик ва марҳамат билан ишлаётганини биз англаймиз. Тор-мор бўлиш жараёнида биз нақадар гуноҳкор эканлимизни яққол тушуна бошлаймиз. Тор-мор қилиш ҳар доим аввало гуноҳга қарши – такаббурлик гуноҳига, итоат этмаслик ва бошқа камчиликларга қарши қаратилган. Бундай иллатларни бизнинг ҳаётимиздан Худо таг-томири билан йўқ қилишга интилади. Биз тор-мор бўлганимизда, гарчанд Масиҳни ўз Қутқарувчимиз деб тан олганимизда ҳам, гуноҳ қилиш лаёқати йўқ бўлиб кетмаслигини биз тушунамиз. Ва бу ҳол бизни ниҳоятда ранжитади. Азоб-уқубатлар водийсидан ўтиб борар эканмиз, ўзгараётганимизни намоён қиламиз. Худо бизни поклаб озод қилишни давом эттирар экан, У бизни янгилаб боради. Баъзи одамлар, улар Масиҳни ўз Қутқарувчилари сифатида тан олганларидан бери гуноҳли ўтмишларидан нафақат тамомила қутулганликларини, балки ҳозирда гуноҳ қилишга ўзларининг мойилликлари йўқлигини ҳис қилгандай бўладилар. Қутқарилиш бизни Худо томонидан кечирилган гуноҳкорлар ҳолатига қўяди. Бироқ агар биз ўзимизда олдингидай гуноҳ қилиш мойиллиги сақланиб қолганини тушуниб олмасак, биз хижолат тортиш, кўнгил қолиш ва умидсизлик туйғуларини ҳис қилаверамиз. Ва охир оқибатда биз муваффақиятсизликка учраймиз. Бундай дақиқаларда биз қутқарилмаганмиз ёки биз учун қутқарилиш бўлмайди, деб ўйламаслик керак. Гуноҳ бизни Худога мурожаат қилишимизга ва бизнинг ҳаётимиздан У бундай мойилликни, гуноҳ қилиш мойиллигини йўқ қилишига илтижо этишимизга туртки беради. Биз қутқарилишга эга бўлганимизда, гуноҳ бизни бошқаришда ўз кучини йўқотади. Римликларга мактубда (6:14) шундай дейилади: “Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин, чунки сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар”. Биз душман ҳукмронлигидан озод бўлганмиз. Бизнинг хўжайинимиз Худо. Павлус гапини давом эттириб, шундай дейди: “Гуноҳ қилишдан озод бўлиб, солиҳликка ўзингизни қул қилиб қўйгансизлар” (Римликларга 6:18). Бу эса, биз Худо билан тўғри муносабатда бўлишимизни ва У бизни даъват этган хизматни Муқаддас Руҳ кучида адо этишимизни англатади. Ҳар сафар, биз исён кўтаришни бошлаганимизда, ушбу ибодат бизнинг биринчи ҳаракатимиз бўлиши лозим: “Раббий, менга ёрдам бер. Мени покла. Мен Сенга итоат қиламан”. Худо бизни тор-мор қилганда, биз ўзимизни ўзимиз тушуна бошлаймиз. Ва бу марҳамат бизга ажойиб озодликни – гуноҳдан озод бўлишни ва гуноҳ учун жазо олмасликни инъом этади. Биз айбни ҳис қилиш туйғусидан озод бўламиз. Биз айбни ҳис қилиш туйғусидан озод бўламиз ва шу билан бир вақтда, кечиримга эга бўламиз. Биз гуноҳ билан танҳоликда курашиш мажбуриятидан озод этилганмиз. Биз иблисга қарши ва унинг васвасаларига қарши курашишимизда Худо ёрдам бериш учун бизни мустаҳкамлаб, биз билан бирга бўлади. Биз саросимадан озод этилганмиз. Биз тўғри йўл тутаяпмизми ёки йўқми, деган турлича саросима ва изтиробдан озод этилганмиз. Биз нотўғри ҳаракат қилаётганимизни тушунишимизни Муқаддас Руҳ ўз вақтида кўрсатади. Бизда гуноҳ қилиш мойиллиги сақланиб келаётганини ўзимиз била туриб, биз Исо Масиҳ томонидан озод этилганмиз – агар биз гуноҳга йўл қўйган бўлсак, биз гуноҳни қоралашимиз, кечиримга эга бўлишимиз ва уларнинг устидан ғалаба қозонишимиз мумкин. Бу нақадар буюк марҳамат! Эркинлик билан бир вақтда Худо бизга тинчликни, ички хотиржамликни ва гуноҳга қарши қилинадиган асосий жанг аллақачон тугаганига бўлган ишончни ҳадя этади. Тинчлик-хотиржамликни, ҳузур-ҳаловатни ҳис этиш учун биз ичкиликка ёки наркотикларга энди мурожаат қилмаймиз. Бир марта тор-мор бўлиб ва Худога итоат этиб, биз ҳар қандай тушуниш ва тушунтиришдан юқори бўлган тинчликка эга бўлдик. Инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик бизнинг кўнглимизни ва фикр-ҳаёлимизни хотиржам қилади (қаранг: Филиппиликларга 4:7). Учинчи марҳамат: биз чуқур ҳамдардлик билан бошқа одамларга муносабатда бўламиз Тор-мор бўлиш туфайли биз Худонинг моҳияти ва ўзимизни ўзимиз янада чуқурроқ билиш тушунчасига эга бўлар эканмиз, биз атрофдагиларга бошқача кўз билан қарай бошлаймиз. Атрофимиздаги бошқа одамлар биздан ёмон ҳам, яхши ҳам эмаслигини кўра бошлаймиз. Биз ҳаммамиз, аслини олганда, гуноҳкормиз. Биз ҳаммамиз Худонинг марҳаматига ва Муқаддас Руҳнинг янгиловчи кучига муҳтожмиз. Биз ҳаммамиз ўзгаришимиз ва ўсиб-улғайишимиз лозим. Бирорта камчилиги ёки нуқсони бўлмаган ҳеч бир кимса йўқ. Тор-мор бўлиб, Худога бўйсуниш туфайли биз шундай дейишимиз мумкин: ● “Отажон, Сен ҳар доим менга нисбатан сабрлисан. Мен ҳам у билан сабрли бўла оламан”. ● “Отажон, Сен менга эзгулик ва меҳр берасан. Демак, мен ҳам унга меҳрибонлик қилишим ва унга нисбатан раҳмдил бўлишим мумкин”. ● “Отажон, Сен мени кечирдинг. Менга азоб-уқубат етказганларни мен ҳам кечиришим мумкин”. Биз тор-мор бўлиб қийинчиликлардан ўтганимиздан кейин, ўз яқинларимизни камроқ танқид қиламиз. Тор-мор бўлиш туфайли бизда янгича сифат намоён бўлади – биз одамларни Худонинг муҳаббати билан яхши кўра бошлаймиз. Биз ҳаётимизда эга бўлган энг ажойиб марҳаматлардан бири – бу бошқа одам Худога юз тутишига ва Унда ўниб-ўсишига ёрдам бериш қобилиятидир. Тўртинчи марҳамат: бизда ҳаётга бўлган иштиёқ уйғонади Биз ўзимизни ожиз ҳис қилганимизда ва ўз имкониятларимизнинг чегараланганини тушунганимизда, бизга Худонинг беқиёс ва қатъий севгиси намоён бўлади. Шунда биз Худо берган ҳадяларни янгича қадрлай бошлаймиз. Худонинг бизга берган инъомлари ва ҳузур-ҳаловати учун, бизнинг қалбларимиз Раббийга бўлган миннатдорчилик билан тўлиб тошади. Ҳаттоки қўшиқлар ҳам янгича маъно касб этиб, ўзгача янграйди. Биз ҳаётга янгича муносабатда бўла бошлаймиз. Ижодий фаолият билан шуғулланиш истаги пайдо бўлади. Бизга нотаниш бўлган одамлар билан биз дадил гашлашамиз ва улар бизни ранжитиб қўйишидан чўчимаймиз. Бизнинг қалбимизни қоплаб турган қаттиқ ҳимоя совути синдирилди, шунинг учун ҳам биз чин дилдан куламиз ва йиғлаймиз. Бизда ҳаётдан янгича завқланиш лаёқати пайдо бўлади. Ва бу завқланиш пок, тоза ва беғубордир. Бешинчи марҳамат: биз Худонинг ҳузурини янада кучлироқ ҳис қиламиз Худо ҳар доим бизнинг ёнимизда, аммо биз тор-мор бўлиб бўйсунганимиздан кейин, Унинг ҳузурини биз ниҳоятда яқин ҳис қила бошлаймиз. Менинг ҳаётимда шундай дақиқалар кўп бўлган, ўшанда эҳтимол, Худо мени тарк этган деб ўйлардим. Аммо шу заҳоти бундай эмаслигини тушунардим – Худо ҳар доим мен билан бирга эди. Унинг ҳузури кўпинча биз Худони кутмаган жойларда намоён бўлади – азоб-уқубатларда. Худо бизни юпатади ва ҳеч қачон бизни тарк этмасликка ва эсидан чиқармасликка ишонтиради. Айнан шундай вазиятларда Худо бизни яхши кўришини қалбларимизга айтади. У биз Худо учун бебаҳо эканимиз ва У бизга фақат марҳаматлар тилашини айтади. Худо ҳар доим биз билан бирга бўлишига, бизда ва биз орқали ҳаракат қилишга бизни ишонтиради. Агар биз Худо ёнимизда эканига ишонч ҳосил қилсак, бизнинг юрагимизда тинчлик бўлади ва биз ўзимизни тўлиқ бехавотирликда ҳис қиламиз. Биз муҳтож бўлган барча нарсаларнинг манбаи фақатгина Худода эканини У бизга аён қилади. Ва бундай ишонч бизни ваҳима ва хавотирликдан озод этади, тинчлик ва осойишталик, шунингдек, ҳар қандай вазиятларда бизни тарк этмайдиган ажойиб ҳузур-ҳуловатни қалбларимизга жо қилади. БУ МАРҲАМАТЛАР УЛАР УЧУН АЗОБ ЧЕКИШГА АРЗИЙДИ Худо сабрли. Бизнинг азобоаримиз қачон тугашини ва У биз учун ҳозирлаб қўйган марҳаматлар, уларни кутишга лойиқ эканини Худо билади. Агар биз Худонинг иродасини бажарсак, биз тор-мор бўлганимиздан кейин келадиган марҳаматларни ола бошлаймиз ва биз шундай деймиз: “Бу синовлар учун Сенга миннатдорчилик билдираман. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди! Менга ғамхўрлик қилгани ва шу йўлдан олиб боргани учун Худога ҳамду санолар бўлсин! Бу қийинчиликлар туфайли менга берилган марҳаматларни ҳеч нарсага асло алмашмайман!” Эҳтимол сиз, Исо Ўзининг хочга тортилиши кунига назар ташлаб, шундай деб айтса керак деган фикрдадирсиз: “Эҳ, афсус, бундан қочиб кетиб бўлмади”? Йўқ ва яна бир бор – йўқ! У Ўзининг қисматини билган, шунингдек, Исонинг хочга тортилиши ва Унинг буюк қайта тирилиши қандай марҳамат бўлиб хизмат қилишини ҳам У билган. Биз Исо сингари йўл тутишимиз мумкин. Агар биз ўз азобларимизни келажакдаги марҳаматлар сифатида кўриб чиқадиган бўлсак, Худо бизни тор-мор қилгани учун ҳар доим Ундан миннатдор бўламиз. Биз ҳаттоки бошимиздан кечирган ўша дард-аламлар учун ҳам миннатдормиз. ДАРД-АЛАМНИ ПОКЛОВЧИ ХУСУСИЯТ Бир неча йил олдин ибодат вақтида “дард-аламни покловчи хусусият” деган ибора пайдо бўлди. Аввалига бу сўзлар нимани англатишини мен тушунмадим, аммо уларни менга Худо берганини аниқ билар эдим, демак, бу жуда муҳим нарса. Икки ҳафтадан кейин онамда юрак хуружи юз берди ва уч ойдан сўнг у оламдан ўтди. Ўшанда мен ўйладим: бу ўша Худо айтган дард-алам эмасмикан. Онамнинг хасталиги менга ниҳоятда қаттиқ оғриқ ва дард-алам етказди. Онамнинг уч ойлик азоб-уқубати давомида Худо бизни поклаётганига ишонтирди. Яъни бизнинг ҳаётимизда поклаш жараёни юз бераётган эди. Онамнинг вафотидан кейин оғриқ ўтиб кетмаслиги ҳақида ўшанда ўйлаб ҳам кўрмабман. Бирин-кетин ҳаётимда шундай фожеалар юз бердики, тўрт йиллик умрим тамомила жафо чекиш билан ўтди. Лекин ҳозир мен ортга назар ташлар эканман, мен чин дилдан шундай деб айта оламан: “Худо мени бир неча бор ва турлича поклаганини биламан”. Худо менда кўп нарсани намоён қилди. У мени кўп нарсага ўргатди ва мени кучлироқ, донороқ ва яхшироқ қилди. У ҳаммасини марҳаматга айлантирди. Худо менинг юрагимни юмшатганини, онгимни янгилаганини, барча азоб чекканларга меҳрибонлик қилишни ўргатганини бугун кўрмоқдаман. Ва мен бу тажрибамни дунёнинг ҳеч қандай марҳаматларига алишмаган бўлар эдим. Четдан қараганда барбод қилувчи бўлиб кўринган нарса мен учун бунёд қилувчи бўлиб чиқди. Ҳаётингиздаги барча аянчли ҳодисаларни лаънат, деб аташга шошилманглар. Уларда, қоида бўйича, марҳаматлар яширинган. Биз ҳар доим буни ёдда сақлашимиз лозим. Бу - мен ҳамма ҳодисаларнинг мақсадини ва сабабини тушунаман, деганини англатмайди. Биз то Унинг ҳузурида ҳозир бўлмагунимизга қадар, нимадир биз учун жумбоқлигича қолаверади. Лекин азоб-уқубатлар азоб-уқубатлигича қолаверади. Бироқ Худонинг менда ҳаракат қилаётганини тушуниш ҳисси ғазабланишимга, хафа бўлишимга ва жаҳлимнинг чиқишига йўл қўймайди. Мен қуйидагича нуқтаи назарга амал қилишга интиламан: “Мен кўп азоб чекаман ва Худога янада яқинроқ бўламан. Юз берган оғир ташвишлардан мен яхши сабоқ чиқараман. Мен ғазабланмайман, аксинча, хурсанд бўламан!” Агар биз хафа бўлиб, қалбимизда адоват ва азоб-уқубат билан яшайдиган бўлсак, ҳеч қачон ғалабага эришмаймиз. Агар биз атрофдагиларнинг бизга етказган ғам-ташвишларини унута олсак, бу ҳолда биз ўзгаришимиз ва Худо кўришни хоҳлаган солиҳ инсонларга айланишимиз мумкин. МАРҲАМАТЛАР ШАРТЛАРИ Биз азоб-уқубатларда марҳамат олишимиз учун Худо фақат биргина шарт қўяди: биз Унга бўйсуниб, итоат этишимиз керак. Агар биз Унинг олдида тиз чўксак, У бизни тор-мор қилиш орқали тўлиқ ғалабага олиб келади. Бундай ғалабага эришиш учун ойлар ёки йиллар керак бўлиши мумкин, аммо ғалаба кафолатланган. Агар биз қайсарлик қилиб Худога итоат этмасак ва Унинг сўзларига қулоқ тутишни истамасак, Худонинг марҳаматларидан биз ўзимизни ўзимиз маҳрум қилган бўламиз. Худо аввалгидай бизни марҳаматлашни истайди, аммо биз Унинг марҳаматлаш йўлида ишончсизлик ва норизолик тўсиқларини қўямиз. Охир оқибатда Худонинг марҳамати шундан далолат берадики, Худо – бизда ва биз билан, биз эса – Худо билан. Агар биз ҳаётимизнинг бирор соҳасига Худони қўймасак, бу ҳолда У бизни тарк этади. У бизнинг танловимизни ҳурмат қилади. Шу тарзда йўл тутар эканмиз, биз Унга Ўз ишини бизда амалга оширишига ва бизни ўзгартиришИга имкон бермаймиз. Биз Худо ва ўзимизни ўзимиз англаш қобилиятини, яқинларга бўлган меҳр-шафқатни ва ҳаётга бўлган қизиқишни қўлдан бой берамиз. Шундай қилиб биз Худодан тобора узоқлашаверамиз. ХУДО БИЗДА ҲАРАКАТ ҚИЛИШНИ ДАВОМ ЭТТИРАДИ Ҳаворий Павлус Филипп шаҳридаги масиҳийларга шундай ёзади: “Худо сизларда бошлаган хайрли ишини то Исо Масиҳнинг келадиган кунигача тамом қилишига аминман” (Филиппиликларга 1:6). Худо биз билан ишлаганда, қўлларини пастга туширмайди. Ва ниҳоят, биз то Исо Масиҳда мукаммал бўлмагунимизча, У бизни бирин- кетин тор-мор қилиб, Ўз ишини давом эттираверади. Биродарларим, менимча, буларнинг ҳаммаси вафотимиздан кейин юз берса керак. Бу гуноҳкор дунёда яшар эканмиз, бизлардан ҳеч биримиз то Самовий Шоҳликда Отамиз билан бирга бўлмагунимизча, мукаммалликка эриша олмаймиз. Аммо хушхабар ҳам бор: руҳан ўсишимизда Худо ҳар доим бизга ёрдам беради. У бизнинг ҳаётимизда ҳаракат қилишдан тўхтамайди. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз тор-мор бўлишдан асло қочиб қутулмаймиз. Ва бунинг учун Худога шукр. У бизни шунчалик севадики, ҳеч қачон бизни тарк этмайди, бизга нисбатан Ўз қизиқишини йўқотмайди ва ҳеч қачон бизни инкор қилмайди. Худо билан бизнинг ўзаро муносабатларимиз ҳеч қачон узилмаслигини У хоҳлайди. Худо бир нарсани истайди: У бизнинг Раббимиз бўлишни, биз эса Унга ҳамду сано айтувчи Унинг халқи бўлишимизни. С НОВОЙ СТРАНИЦЫ Эпилог СИЗЛАР УЧУН МЕНИНГ ИБОДАТИМ Осмондаги Отажон! Биз Сенинг севгингни ва ҳузур-ҳаловатингни тўлалигини англай олишимиз учун, Сен бизни нақадар буюк меҳр ва мурувват, муҳаббат ва мулойимлик ила Ўзингга мафтун этасан! Сен бизда ва биз орқали ҳаракат қилишни давом эттиришинг учун ибодат қиламиз. Раббий, Ўз хоҳиш-истакларингни бизнинг ҳаётимизга татбиқ қил. Мен, шунингдек, эй Парвардигор, ҳали Сени таниб-билмаганларни, нима қилишни билмай иккиланиб турганларни, ёки нима қилаётганини ва қаерга кетаётганини тушунмаётганларни, ўз ҳаётида яшашдан мақсадни кўрмаётганларни Ўзингга қаратишинг учун ибодат қиламан. Эй Эгам Раббий, улар Исо Масиҳни Қутқарувчи сифатида тан олишларига Ўзинг ёрдам бер. Улар Исо Масиҳга ўз Раббийлари каби ишонсинлар. Улар Муқаддас Руҳнинг бошчилигига умид боғлашларига, Муқаддас Руҳ уларни ўзгартириб, ҳаёт йўлларида уларни мустаҳкамлаши учун, чин дилдан ибодат қиламан. Самовий Отажон, Сени истаган ва ташна бўлганлар, Сенга руҳан яқинликка интилганлар, хизматда муваффақиятга эришмоқчи бўлганларнинг барчаси учун, токи Сен уларга жавоб беришинг учун ибодат қиламан. Парвардигор, уларни Сен Ўзинг хоҳлаганингдек тор-мор қилгин ва уларга нажот ато этгин. Зеро улар, Сенинг махсус хизматингни бажариш учун руҳан улғайсинлар. Самовий Ота, бизни Ўзинг йўлга бошла. Биз қандай ўзгаришимиз, улғайишимиз ва ривожланишимиз кераклигини бизга намоён қил. Сенинг ироданг бизнинг ҳаётимизда намоён бўлишига ҳалақит берувчи омилларни йўқ қилиб ташлашимизга Ўзинг ёрдам бер, Парвардигор, Сен бизни нималарга даъват қилган бўлсанг, ана ўша ҳадяларни миннатдорчилик билан қабул қилишимиз учун, бизга Ўзинг ёрдам бер. Сен биз учун ҳаммаси бўлишингни жуда истаймиз. Биз Сени яхшироқ билишни, Сенга яқинроқ бўлишни ва ҳаётимизда Сенинг иштирокингни чуқурроқ ҳис этишни ниҳоятда хоҳлаймиз. Отажон, биз Сенинг тимсолингга ва Сенга ўхшашимиз учун бизни тор-мор қилиб, Ўзингга бўйсундиришинга муҳтожмиз. Бугун биз ўзимизни Сенга ишониб топширяпмиз – бизнинг эзгулигимиз учун ва Сенинг абадий шон-шарафинг учун, Раббий, албатта бизда ҳаракат қилгин. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти барчангизга ёр бўлсин. Омин. С НОВОЙ СТРАНИЦЫ Мундарижа 1-боб. Азоб-уқубатлар марҳамат бўла оладими?................................. 5 2-боб. Худо бизга энг яхшисини истайди ................................. 11 3-боб. Нима учун биз азоб тортамиз? ....................................... 25 4-боб. Азобнинг мазмунини тушунишимиз йўлидаги тўсиқлар .......................................................... 37 5-боб. Шифо топиш нима дегани? ............................................ 55 6-боб. Руҳий етукликка эришиш ............................................... 67 7-боб. Тор-мор бўлиш жараёни ................................................. 92 8-боб. Тор-мор бўлишга қарши бизнинг исёнимиз ............... 115 9-боб. Қандай қилиб кўп самара берадиган новда бўлиш мумкин ............................................................... 137 10-боб. Марҳаматлар ҳақидаги ваъда.............................................. 154 Эпилог. Сизлар учун менинг ибодатим ................................. 174 (ОБРАТНАЯ СТОРОНА ОБЛОЖКИ) ХУДОГА ИШОНЧНИНГ ҚАНДАЙ БЎЛИШИДАН ҚАТЪИЙ НАЗАР, ДАРД-АЛАМ ВА АЗОБЛАР – ҲАЁТИМИЗНИНГ БИР ҚИСМИДИР Баъзида ҳаётдаги шарт-шароитлар бизга шунчалик азоб берадики, бизнинг тасаввуримизда, уларни кўтаришга биз ожиз эканимизни ҳис қиламиз. Бизга яқин бўлган одамнинг вафоти, ишдан айирилиб қолиш, узоқ давом этган хасталик– буларнинг ҳаммаси ўзида дард ва оғриқни ўзида мужассамлаган бўлиб, бизнинг ҳаётимизни тамомила ўзгартириб боради. Аммо бунда катта бир маъно мужассам: азоб-уқубатлар, биз бошқача йўллар билан етиша олмаган, нақадар ажойиб марҳаматларни олиб келишга қодир. Чарлз Стенли, бизни руҳий етукликка олиб келиш учун, Худо билан яқин муносабатда бўлишимиз учун ва фаол хизмат қилишимиз учун, Худо бизнинг ҳаётимизда оғир даврларга йўл қўйиб, бизни тор-мор қилишини кўрсатади. Азоб-уқубатларни енгиб ўтишимиз учун, Худо албатта бизга куч-қудрат ато этади, кимки тор-мор бўлиб, Унга бўйсунган бўлса, шундайлар учун У дард-алам ва азоб-уқубатларни марҳаматга айлантиради, эзгулик ҳадя қилади. ФОТО Чарлз Стенли – Атлантадаги Биринчи баптистлар жамоатининг катта чўпони ва кўплаб китобларнинг муаллифи. У шунингдек, АҚШдаги таниқли “In Touch” теле ва радио эшиттириш бошловчиси.