antique Пользователь Unknown ru Пользователь calibre 4.99.5 30.1.2024 f12d9764-1cdf-4d5b-a1a1-c398f57c7b63 1.0 Reanimator Extreme Edition

Жош МакДауэлл Томас Уильямс

А Н И Қ Л И К И З Л А Б

Ҳақиқат ўзи борми?

Уни тушуниб етиш мумкинми?

Дунёқарашим объектив ҳақиқатга тўғри келадими?

Бу ўзи муҳимми?

Ҳаммамиз ҳаётда аниқликка интиламиз. Шак-шубҳасиз, бундай аниқликка биз атрофимиздаги реалликни тўғри тушунганимизга ишониш орқали эришамиз. Аммо бугунги кунда “ҳар қандай нуқтаи назар мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга” деган фикр жуда оммалашган. Бунинг оқибатида айни вақтда Америка аҳолисининг 88 фоизи мутлақ идеал ахлоққа ишонмай қўйди. Ҳақиқатни тушуниб бўлмайди ёки у умуман мавжуд эмас, деб ўргатадиган постмодернизм ғояси тобора кенг ёйилмоқда. Бундай ноаниқлик ўз меваларини бермоқда: тобора кўп одамлар ҳаётда ҳеч қандай маъно кўрмай, саросимада, ташвишда ва ҳатто умидсизликда яшаяпти.

Сиз нима деб ўйлайсиз?

“Аниқлик излаб” номли китоб ҳақиқатни таниб-билишнинг муҳимлигини алоҳида кўрсатишни ва уни излашга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Жош МакДауэлл ва Том Уильямс оддий ва тушунарли тилда айни вақтда оммалашган фикрнинг, яъни барча “ҳақиқатлар” тенг, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам мутлақ асосга эга эмас, Худо бўлмаса ҳам ҳаётда мазмун бўлиши мумкин дейиш қанчалар асоссиз эканлигини очишади. Муаллифлар китобхонни муқаррар бир хулоса, яъни энг олий ҳақиқат фалсафий концепцияда эмас, балки Худо шахсида мавжуд деган фикрга олиб келишади. Мутлақ (абсолют) Ҳақиқат бўлган Худо билан яқин муносабатларгина ҳаётингизга мазмун, ҳам аниқлик олиб келади.

АНИҚЛИК ИЗЛАБ

Деярли барча китоблар кўплаб одамларнинг тиришиб ишлаши шарофати билан китобхонга етказилади. Мазкур китоб ҳам бундан истисно эмас. Ушбу китоб фойдали бўлиши учун катта ҳисса қўшганларга самимий миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз.

Дэйв Беллис, эски қадрдон дўстимиз бизни бир-биримиз билан таништирди, тайёргарлик ишларини олиб борди, муаллифлар ва ношир ўртасида ҳамкорликни йўналтирди, иш жараёнини ташкиллаштирди, лойиҳанинг ижодий ўсишига ҳисса қўшди.

Линн Вандерзалм (“Tyndale House” нашриёти) муҳаррир сифатида ёрдам кўрсатди, керакли мазмунга эришиш учун, ҳар бир сўз, ҳар бир жумла устидан муаллифлар билан бирга ишлашга тайёрлигини билдирди.

Эд Стюарт ўзининг маслаҳатлари билан матндаги айрим назарий жойларнинг ўқилишини анча осонлаштирди.

Рон Бирс, Кен Питерсон ва Жон Фаррар (“Tyndale House” нашриёти) мувофиқлаштириш ва менежмент ишларини амалга оширишди.

Д-р Уильям Лейн Крейг, Кит Кокс ва д-р Рави Закариас тақриз ёзилиши, китобда кўрсатилган айрим фалсафий ва илоҳиётга доир тушунчаларнинг чуқур таҳлил этилишини таъминлаб бердилар.

Жин Шелбурн, Пэт Флинн, Томми Уильямс, Сэм Минз ва Жей Лэтэм — хизматчилар, оддий имонлилар, ўқитувчилар, олимлар, ҳатто агностик бўлган бир одам ҳам, мазкур китоб қўлёзмалари тайёрланишини турли босқичларда кўриб чиқди. Уни такомиллаштириш борасида улар ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан бўлишдилар.

Кирк ДуПонс (UDG Designworks) ажойиб муқова устида ишлади.

“Tyndale House” нинг барча ходимлари муҳаррирлик, макет, дизайн, нашр ва маркетинг каби, бир қараганда билинмайдиган, аммо ниҳоятда муҳим ишларни бажаришди.

Барчангиздан жуда миннатдормиз.

Жош МакДауэлл

Томас Уильямс

БИРИНЧИ БОБ

НИМАГА ИШОНИШИМНИНГ ФАРҚИ БОРМИ?

Бир куни ёшлар фестивалида сўзга чиқдим. Менинг қаршимда шунчаки катта синф ўқувчилари эмас, талабалардан эмас, балки чўпонлар томонидан шахсан танлаб олинган қатнашчилар ўтирар эди. Мени уларнинг масиҳийлар сифатида имон, эътиқоди қанчайин мустаҳкамлиги қизиқтирар эди. Бир пайт қўлимда радиомикрофон ушлаб залга тушдим. Атрофимни жонли, қувноқ чеҳралар ўраб турар эди.

Бир йигитнинг олдига бориб, унга Муқаддас Китобимни кўрсатдим ва:

– Муқаддас Китоб – Худонинг Каломи эканлигига ишонасанми? – деб сўрадим.

– Ҳа, – деди у, тўла ишонч билан.

– Муқаддас Китоб ҳақиқат эканлигига ишонасанми? – давом эттирдим мен.

– Ҳа! – деди у.

Шунда яна савол бердим:

– Унда ёзилган нарсаларнинг ҳақиқатлигига ишониш мумкин, шундайми?

– Албатта! – жавоб берди у ҳеч иккиланмай.

– Нима учун? – паст овозда сўрадим мен. У менга қаради-да, елкасини қисди ва бунинг қийин савол эканлигини айтди.

Худди ўша саволларни бошқа талабага бердим. У ҳам Муқаддас Китоб – Худонинг Каломи эканлигига ишонар эди. Бироқ у ҳам Муқаддас Китобга нима учун ишонишини айтолмади.

Қолганлар билан ҳам худди шундай бўлди. Ҳаммаси Муқаддас Китобга ишонишини тасдиқлаган бўлсада, ҳеч ким ўша ишончи нимага асосланишини тушунтириб беролмади. Бу ёшлар ўз деноминациясининг сара вакиллари бўлсаларда, эътиқоди нимага асосланиши ҳақида савол уларнинг барчасини қийин аҳволга солиб қўйди.

Эртаси куни эрталаб бир йигит (уни Дэррен деб атаймиз) менинг олдимга келди, унинг юзи хурсандликдан гул-гул ёнар эди.

– Мен жавобни биламан, – деди у.

Нимани назарда тутаётганини дарров тушунмаганим боис:

– Ниманинг жавобини? – деб сўрадим.

– Муқаддас Китоб нима учун ҳақиқат деган саволнинг.

– Яхши, – бош силкидим мен, – нима учун экан?

– Бунга ишонганим учун, – деди Дэррен.

Уни тўғри тушунганимга ишонч ҳосил қилгим келиб сўрадим:

– Нима дединг?

У Муқаддас Китобини кўрсатиб, такрорлади:

– Бу ҳақиқат, чунки мен унга ишонаман.

У худди лотереяда “Феррари” ютиб олгандек қувонар эди. Атрофимизда ёш йигит ва қизлар ҳам бош силкиб, табассум ва қизиқиш билан унинг фикрига қўшилганларига ишора қилиб туришарди. Демак, бир қараганда, жавоб топилгандек эди.

Шунда мен унга навбатдаги саволни бердим:

– Демак, Муқаддас Китоб мактабингдаги бошқа ўқувчилар учун ҳам ҳақиқат, шундай-ми?

– Ҳа, агар улар унга ишонишса, – деди Дэррен.

Унинг кўзларига тикилиб дедим:

– Биласанми, ўртамизда қандай фарқ бор? Сен учун Муқаддас Китоб – бу ҳақиқат, чунки сен унга ишонасан. Мен эса Муқаддас Китобда ҳақиқат ёзилгани боис унга ишонаман.

Билим ва имон: қайси бири бошқасидан олдин келади?

Бир қараганда, ўша ёш масиҳийга айтганларим, худди нима биринчи пайдо бўлган – товуқми, тухумми, деган масала устидан мулоҳаза қилиш билан баробардек. Аксариятимиз уни ҳам, буни ҳам иштиёқ билан еймиз, қай бири аввал пайдо бўлганининг фарқига қарамаймиз. Худди шу тарзда Худо билан муносабатларимизда ҳам ишонч ва ҳақиқат ёнма-ён боради. Нима аввал келишининг аҳамияти борми? Чиндан ҳам бири бошқасидан муҳимми?

Ҳа, ишонч ва ҳақиқатга доир мен айтган ёндашувларда фарқ чиндан ҳам аҳамиятли. Аслида, бу ёндашувлар бир-бирига зид, бир-бирига тўғри ҳам келмайди. Кимдир бошқача ўйлаган тақдирида ҳам, мен Муқаддас Китобни – ҳақиқат деб ҳисоблайман. Дэрреннинг фикрига кўра, Муқаддас Китоб – унинг учун ҳам, дўстлари учун ҳам ҳақиқат, чунки улар шундай ҳисоблашади. Мен ҳақиқат ўзгармайди дейман, ишонч – ҳақиқатга бўлган муносабатимиз дейман. У эса биз ишонган нарса – ҳақиқат деган фикрни қўллайди. Мен ҳақиқат мутлақ (абсолют) эканлигига ишонаман. Дэреннинг нуқтаи назарига кўра, ҳақиқат ихтиёрийдир. Мен ҳақиқатни объектив реаллик дейман, онгимиз қандай бўлишидан қатъий назар, уни мавжуд деб биламан, ҳамма учун, ҳар доим, ҳамма ерда у ҳақиқат бўлиб қолаверади деб ҳисоблайман. Дэррен эса ҳақиқат ўзгарувчан ва бизнинг ички эътиқодимизга мослашувчан деб ҳисоблайди.

Ушбу иккала нуқтаи назар ўртасидаги фарқ теологик (илоҳиёт) абстракция эмас. У амалий жиҳатдан жиддий аҳамиятга эга. Ҳаётда аниқликка эришишимиз ёки эришмаслигимиз ҳақиқат нималиги ҳақида тасаввурларимизга боғлиқдир.

Энди катта ҳаётга қадам босаётган ёшлар ўзларининг юзаки қарашларига ишонишади, негаки бутун ҳаёти олдинда ва улар умид ва режаларини амалга ошириш билан ҳаддан зиёд банд бўлганлари боис, ўз эътиқодини таҳлил қилишмайди. Бироқ доим бундай бўлавермайди. Эртами, кечми реаллик ҳар кимнинг нуқтаи назарини синовдан ўтказади. Ўша пайтда агар эътиқод ҳақиқатга асосланмаган бўлса, ундан ҳеч нарса қолмайди.

Бугунги кунда одамларни ҳақиқат эмас, кўпроқ ноаниқлик қизиқтиради. Улар учун ҳақиқат – бу кундалик ҳаёт билан мутлақо боғлиқ бўлмаган, шунчаки абстракт тушунча холос. Ишониш эса уларнинг назарида жуда муҳим ўрин касб этади, чунки бехатарлик ҳиссини беради. У мутлақо асоссиз бўлиши мумкин, негаки одамлар ҳақиқатдан жуда йироқ нарсаларга ҳам ишониши, чин ҳақиқатга эса шубҳа билан қараши мумкин.

Ўз қарашларингизга аниқлик киритиб олмасангиз, маълум бир нарсага қандайдир, қисқа вақт ишонишингиз мумкин, бироқ мутлақ (абсолют) ҳақиқатга асосланмаган бўлса агар, бу ишонч қандай тез келган бўлса, сизни шундай тез ташлаб кетади. Гап ишонч ҳиссида эмас, балки ҳақиқатни фаҳмлаб олишдадир. Ҳақиқатнинг мутлақ (абсолют) характерини тушунган ва ҳақиқатга эътиқод қилишига ишонган одамлар ишончга эга бўладилар, уларнинг ҳаётида эса аниқлик қарор топади.

Дэррен билан боғлиқ мисол ягона ҳолат эмас. Ҳақиқатнинг мутлақ (абсолют) характерини тан олмайдиган фақат ёшлар эмас. Бошқа бир конференцияда мен бир чўпон билан танишдим. Уни менга ўз деноминациясида энг билимли, илоҳиётшуносликни (теологияни) ҳаммадан кўра яхшироқ тушунадиган, машҳур хизматчи деб таништиришган эди. Дэрренга берилган саволни унга ҳам бердим ва яна ўша жавобни эшитдим: “Чунки мен ишонаман”, деди у. Ёшларимизга билим улашаётган ўқитувчилар ва раҳбарлар, ишонч инсон учун мос бўлган ҳақиқатни келтириб чиқаради, деган қарашларга эга кўринади.

Бу ғоя нафақат ёш авлодга, балки бутун Америка жамиятига хосдир. Болаларимиз улар учун нима ҳақиқат эканлигини ўзлари аниқлаб олиши лозим деб ҳисоблашишида ҳеч қандай ажабланарли нарса йўқ. Дунё уларнинг онгига, биз ҳақиқат деб билган нарса – асли ҳақиқатдир, деган фикрни сингдириб бўлди.

Аввал бундай бўлмаган. Икки юз йил муқаддам аксарият одамлар Худога эътиқод қилиш ва Муқаддас Китобга ишониш орқали инсон ҳақиқатни таниб билади, деб ҳисоблар эди. Сўнг XVIII асрга келиб, Маърифат даврида имон-эътиқод ўрнини инсон идроки эгаллади ва у ҳақиқат сари ишончлироқ йўл, деб тан олинди. Худонинг мавжудлиги ва Муқаддас Китоб нуфузи анча очиқ тарзда шубҳага йўлиқа бошлади. Маърифат модернизмга асос солди, модернизм эса ўз навбатида илм, хулосалар объектив ҳақиқатни аниқловчи бирдан-бир восита ва фақат илм, англаш мумкин бўлган нарсалар чегарасини белгилайди деган ғояни олдга сурди. Худонинг мавжудлиги умуман шубҳа остига солинди, негаки буни илм билан тасдиқлаб бўлмас эди. Ер юзида мавжуд бўлган барча тирик жонзотлар ижод маҳсули эмас, балки эволюция (тадрижий ривожланиш) натижаси сифатида кўрила бошлади.

Постмодернизм: ҳар ким ўзи билганини ҳақиқат деб ҳисоблайди

Сўнгги 20-30 йилларда модернизм маданият, онг ва илмга таъсир кўрсатган ва ҳукмрон фикр тарзи сифатида пайдо бўлган постмодернизм томонидан сиқиб чиқарилди. Постмодернизм онг ва илм мутлақ (абсолют) ҳақиқатни (у ҳамма учун, ҳамма ерда ва ҳар доим ҳақиқатлигича қолади) тушунишда ёрдам беролмайди, чунки бундай ҳақиқатни тушуниш имконсиз ёки у мавжуд эмас, деган ғояни олдга суради. Постмодернизм нуқтаи назарига кўра, тажриба ақл-идрокдан кўра муҳимроқ. Инсон онги турли дунёқарашлар, хурофотлар, атроф-муҳит, тарбия туфайли булғанган ва бунинг оқибатида мутлақ ҳақиқатни англаш учун самарали восита бўлмай қолган. Шу тариқа, ҳақиқатни кашф этиш эмас, балки яратиш ҳақида гапириш тўғрироқдир. Одамнинг шахсий тажрибаси унинг эҳтиёжларини белгилайди ва уларга жавоб беради. Ҳар ким ўзининг фалсафасига эга бўлмоғи, унинг асосида фикр юритмоғи ва қадриятларини белгиламоғи, яъни ўзига мос ҳақиқатни ўзи яратмоғи лозим. Аслида, постмодернистлар шундай ғояни олдга сурадилар: “Агар бу сиз учун ҳақиқат бўлса, демак бу керакли даражада ҳақиқат. Сиз ўзингиз учун ҳақиқат деб белгилаган нарсани ҳеч ким шубҳа остига солишга ҳақли эмас”.

Дэрреннинг позицияси мана шундан иборат. Ҳозирги жамиятда онг-идрокни постмодернизм белгилаб бермоқда, гарчи кўпчилик бу сўз нима англатишини билишмасада. Ёшлар “ҳар қандай одам ўзи учун нима тўғри, нима ҳақиқат эканлигини ўзи белгилашга ҳақли” деган фикр таъсири остида ўсяпти.

Бундай фикрни нафақат ёшлар, балки катта ёшлилар ҳам қўллайдилар. Кўплаб масиҳийлар ҳам тўғри ва нотўғри ўртасида муайян чизиқ чизишни ва ҳақиқатнинг мутлақ эканлигини аниқ айтишни истамайдилар. Нима учун маълум бир нуқтаи назарни қўллаши ҳақида ўйлаб, мулоҳаза қиладиганлар жуда оз, одамлар маданиятимиз ўргатиб, сингдирган тарзда фикр қилишга одатланиб қолишган. Улар постмодернизм тамойилларини “индамай” қабул қилишган. Бу улар учун қулай позиция, улар унинг ҳақиқатга қай даражада мувофиқ ва умуман, ҳақиқатга мувофиқ бўлиши керакми, деган саволни беришмайди. Улар ҳақиқат аслида аҳамиятли эканини мутлақо тушунмаслиги ҳам мумкин. Агар қатъият кўрсатиб, қарашлари ҳақида қизиқадиган бўлсак, улар бунга Янги Аср диний йўналишига яқин тушунчалар билан: “Агар бирон нарсани жуда хоҳласангиз, Коинот (ёки Худо) хоҳишингиз рўёбга чиқишига ёрдам беради”, деб жавоб беришлари мумкин. Улар ишонч реалликни орзуга мослаштира олади деб ҳисоблайдилар. Худди шу тарзда, болалар ҳам арча остида Қор Бобо ташлаб кетган совғаларни топишига ишонишади.

Келинг, фикр-қароримиз учун асос бўладиган тамойилга таъриф тузайлик: мутлақ (абсолют) ҳақиқат объектив реалликни назарда тутади ва уни қандай ҳис этишимиз, у ҳақда нима деб ўйлашимиздан қатъий назар мавжуддир. Бу реаллик ҳамма ерда, ҳар доим, барча одамлар учун ҳақиқатлигича қолаверади. Ҳақиқат, унга ишонишимиз ёки ишонмаслигимиздан қатъий назар, реал ва доимийдир, худди Ҳимолай тоғи сингари, – Эверест чўққисига чиқишимиз ёки чиқмаслигимиздан қатъий назар, у реал ва доимийлигича қолаверади. Постмодернизмга қарши равишда биз ҳақиқатни яратмаймиз, биз уни кашф этамиз. Ишонч реалликни белгиламайди, реаллик бизнинг унга ишонишимиз ёки ишонмаслигимиздан қатъий назар мавжуддир. Ҳақиқатга ишониш орқали биз шунчаки ҳаётимизни унга мослаштирамиз.

Сен учун ҳақиқат нима?

Агар ишонч реалликни белгилаганида, инсоний қарашлар қандай аҳамиятга эга бўларди?

Бу ҳолда Масиҳга ва Муқаддас Китобга ишонганлар учун масиҳийлик ҳақиқат бўлар эди. Қуръонга ва Муҳаммадга ишонганлар учун ислом ҳақиқат бўлар эди. Ҳар қандай дин, мазҳаб ёки секта билан ҳам худди шундай бўлар эди. Агар воқелик одамнинг нимага ишонишига боғлиқ бўлганида, бу ҳолда ҳар ким ўзи истаган худога ишонар эди. Атеист учун худосиз Коинот реаллик бўларди.

Постмодернизмда ушбу барча “ҳақиқатлар” тенг аҳамиятга эга, негаки инсон нимага ишонса, шу ҳақиқат ҳисобланади, яъни бирон нарса “сен учун ҳақиқат” бўлса, демакки бу ҳақиқат.

Бироқ ўзимизга савол берайлик: “сен учун ҳақиқат” формуласида чиндан ҳам маъно борми? Ҳақиқат бошқаларга эмас, фақат унга ишонганлар учунгина реаллик сифатида мавжуд бўла оладими? Тасаввур қилинг, дўстингиз билан стол устида турган олмани кўраяпсиз. Дўстингиз олма қуртга тўла деб ҳисоблайди, сиз эса олманинг тозалиги, унда ҳеч қандай қурт йўқлигига ишонасиз. Бу ерда иккита бир-бирига зид фикр сиз учун ҳам, дўстингиз учун ҳам реал воқелик бўла оладиган иккита ҳар хил ҳақиқатни ярата оладими? Олмани кесиб кўриш лозим, ана шунда қурт борми, йўқми билиб оласиз. Бу билан сиз айтган “ҳақиқат” ва дўстингиз айтган “ҳақиқатдан” қай бири хато эканлиги кўринади. Олманинг асл ҳолати сизларнинг фикрларингизга боғлиқ эмас.

Гап муайян ҳаётий масалаларга келганда, ҳеч ким ишончга суянмайди. Сотувчи минилган машина ҳолатини қанча мақтаса ҳам, ҳеч ким мақтовнинг ўзига асосланиб ундан машина сотиб олмайди. Биз машина яхши мутахассис томонидан текширилиши, автомеханик кўригидан ўтказилишини талаб қиламиз ёки кафолат беришларини сўраймиз. Шуни яхши биламизки: машинанинг яхши ҳолатда эканлигига ишонишнинг ўзи билан уни яхшилаб бўлмайди. Нотаниш одам сизга дори узатиб, у сизни бир умрга бош оғриқдан халос қилишини айтса, ўша дорини ичасизми? Биз яхши шифокор тавсия қилган ёки лицензияси бор дорихоналардан олинган дориларнигина ичамиз. Дорининг қай даражада таъсир кучига эгалигига ишонишимиз ёки таъсир қилишини қанчайин хоҳлашимиз бу ерда ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Шуниси маълумки, тўғри келмайдиган дори ёрдам бериш у ёқда турсин, соғлигимизга жиддий зарар ҳам етказиши мумкин.

Демоқчи бўлганим, амалий ҳаётимизга доир қарорлар қабул қилганимизда, биз ҳақиқат ишончдан устун қўйилишини диққат билан кузатамиз. Ҳаётимиз ва соғлигимиз ҳақида сўз борганда, кўнглимизга келган умидларга, орзуларга, истак ёки нима бўлиши ҳақида тасаввурларимизга ишонмаймиз. Қарорларимиз биздаги умидлар, объектив ва текшириш мумкин бўлган ҳақиқат билан белгиланади. Моддий дунёда “сен учун ҳақиқат” формуласи иш бермайди. Биз учун объектив ҳақиқат муҳим.

Диний тажриба ҳақида ҳақиқат

Дин ҳақида сўз борганда, нима учун объективликдан воз кечамиз? Нима учун одамларнинг, жумладан ўша, биз билган Дэрреннинг бутун фикри-зикри ишонишда бўлиб, нимага ишонишга бу қадар кам эътибор қаратилади? Улар дин-эътиқодни реал дунёга тегишли деб билишмайди чоғи. Уларнинг тасаввурида дин-эътиқод – аллақандай бир ноаниқ, мавҳум, сезилмас ва ақлга сиғмайдиган нарса. Улар учун бу машина харид қилиш ёки дори ичишдан фарқли равишда, реал нарса эмас. Улар амалий воқеликни қатъий текширишни талаб этмайдиган узоқ абстракциялардан ажратишади, хатоси ҳам айнан шунда. Аслида тушуниш имконсиздек кўринган ўша абстракциялар инсон учун олма қуртини еб қўйиши ёки емаслигидан кўра анча муҳимроқдир. Одамнинг Худо ҳақида нотўғри тасаввурларни “ҳақиқат” ўрнида қабул қилиши, дори ичишда адашишидан кўра анча хавфлироқдир. Агар Худо чиндан ҳам шахс, абсолют, объектив реаллик сифатида мавжуд бўлса, У шунга яраша жиддий муносабатни талаб қилади, шунчаки машина сотиб олишчалик ёндашувни эмас. Негаки охир-оқибат бизнинг қисматимиз У билан тузадиган муносабатимизга боғлиқ.

Дин-эътиқодга мурожаат қилган имонлиларнинг аксарияти ҳақиқатни излаш ёки ўз келажагини билиш ҳақида ўйламайди десак, муболаға бўлмайди. Уларни бу дунёга оид зарурий нарсалар қизиқтиради. Улар муаммоларига ечим излаш, заифлик келганда куч топиш, бошқа одамлар билан барқарор муносабатлар қуриш ҳақида ўйлашади. Ноаниқликка берилган, бахтсиз дунёда улар аллақандай бир, ишониш мумкин бўлган нарсани излайдилар. Улар ўзлари учун, назарида ўта зарур эҳтиёжларига жавоб берадиган эътиқод тизимсини танлашади, бу тизим ҳақиқатга қанчалик монанд, мувофиқ келиши ҳақида ўйлаб ўтиришмайди.

Мисол учун, Марям ўсмир ёшдаги икки боласи билан муаммоларни бошдан ўтказяпти. Сохта масиҳийлар унга жамоатларида оилаларга ва ёшларга қандай эътибор қаратилиши ҳақида айтишади. Оилани боқиш учун тиним билмай ишлайдиган Марямнинг назарида барча жамоатлар бирдек ва у отасиз бола тарбия қилишда унга ёрдам беришни ваъда қилган жамоатга боради. Марям учун ушбу мазҳабда ўргатиладиган таълимот ҳақиқатдан мутлақо йироқлиги муҳим эмас.

Рэндолл масъулиятли, асабни толиқтирадиган ишда ишлайди. Шифокор унга қон босимини меъёрлаштириш ва асабини тинчлантириш учун йога ва медитация билан шуғулланишни тавсия қилади. Рэндолл шунга ўхшаш муаммони муваффақиятли ечган бир ҳамкасби билан гаплашади. Ҳамкасби унга гуру (ҳиндуизмда руҳоний) ўргатган техника ҳақида айтади ва Рэндолл ҳиндуизмга эътиқод қилувчи, ўша руҳий йўлбошчининг гуруҳига қўшилади.

Марям ва Рэндолл каби одамлар ўзларига тўғри келган таълимотга эътиқод қилишади. Улар оғир юкини енгиллаштиришни, муаммоларига ечим беришни, эртанги кунга ишонч бағишлашни ваъда қилган ҳар қандай таълимотга ишонишади ва ўша ваъдалар реал асосга қай даражада эгалиги ҳақида ўйлаб кўришмайди. Кейин эса кутилган тинчликка ва енгилликка эришолмагач, улар назарларида эҳтиёжларини яхшироқ қаноатлантирадиган бошқа “ҳақиқатни” ҳеч иккиланмай қабул қилишади. Аммо фикр-қарорлари қанчайин самимий бўлмасин, ишонч охир-оқибат уларни ташлаб кетади, жисмоний ва ҳиссий муаммолари ҳал қилинмайди, муносабатлари эса ёмонлигича қолаверади. Телефон рақамини теришнинг ўзи кифоя қилмайди, кимдир у ёқдан жавоб бериши керак. Бирон нарсага ишонишнинг ўзи кифоя қилмайди, ишонч бир нарсага асосланиши лозим. Асос бизнинг хоҳиш-истагимизда эмас, объектив реалликдадир. Биргина худо эҳтиёжларимизни қаноатлантиришга қодир – бу чиндан ҳам мавжуд бўлган, биз муносабат қура оладиган, алоқа қила оладиган Худо.

Агар одамлар ҳеч қайси ҳақиқатга ишонишмаса, ҳар хил “ҳақиқатни” қабул қилишга мойил бўлишади. Реал ҳақиқат мавжудлигига ишонмасакгина, “ўз” ҳақиқатимизни яратишга бўлган ҳар қандай ҳаракатни маъқуллашимиз мумкин. Ҳақиқатлар ўртасида фарқ йўқ дейиш, исталган диний таълимотни қатъиятсизлик ҳиссидан озод бўлишга бўлган пуч ҳаракат деб баҳолаш билан баробардир. Агар реал ҳақиқат бўлмаса, ҳамма нарсани қабул қилиш мумкин.

Агар чиндан ҳам битта реал Худо мавжуд бўлса, бу ҳолда шахсий ҳақиқатлар борасида нима дейиш мумкин? Агар аниқлик, маъно, мақсад ва ўзини ўзи англашнинг ягона манбаси – Худо мавжуд бўлса ва агар (масиҳийлар ўргатганидек) Худонинг олдига олиб борадиган фақат битта йўл бўлиб, бу ҳам Исо Масиҳ билан шахсий муносабат қуриш бўлса-чи? Шуни яхши биламизки, масиҳийлар таълимоти бошқа худолар мавжудлигини ҳам, Худога олиб борадиган бошқа йўллар мавжудлигини ҳам инкор қилади. Масиҳийлар таълимотида одамларга ёқмайдиган жиҳат – бу бошқа нуқтаи назарларнинг қабул қилинмаслиги, фақат ўзининг ягона тўғри йўл деб тан олинишидир. Майли, “андишасизлик” бўлиб кўринсада, бироқ агар айнан масиҳийлар таълимоти ҳақиқатга мувофиқ бўлса-чи?

Агар мутлақ ҳақиқат битта бўлса, бу ҳолда ўзимиз ҳақиқат яратамиз дейиш, ўлим билан баробар! Бу аслида тасаввур қилиш мумкин бўлган энг хавфли таълимот, негаки реал воқеликка тўғри келмайдиган таассуротга эга бўлган одам ҳақиқатда мавжуд бўлган Худонинг неъматларидан фойдаланмай қолиши ва бу билан ўз ҳаётини хавф остига солиши мумкин!

Агар сиз ҳақиқат чиндан ҳам мавжудлигига ишонсангиз, бироқ назарингизда уни тушуниб бўлмайдигандек кўринаётган бўлса, айни пайтга тўғри келадиган ясама ҳақиқат билан қаноатланиб қолиш бунга жавоб бўла олмайди. Изланг. Мутлақ ҳақиқат бор бўлса агар, сохта ҳақиқат саволларингизга жавоб беролмайди!

Аниқликни излаш

Биз ўз эътиқодимизни яширмаймиз, фақат масиҳийлар таълимотигина реалликни ифода этади деб ҳисоблаймиз. Биз постмодернизм нуқтаи назаридан фарқли равишда, эътиқодимиз мустаҳкам асосга эгалигини исботлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўямиз. Ҳақлигимизга ишонч бағишлаган мана шундай мутлақ (абсолют) комил Зот асли Худо бўлиб, У бизга ҳамроҳлигини таклиф этади. Ҳақиқат эҳтиёжларимиз билан бирга ўзгарадиган мавҳум концепция эмас. Ҳақиқат Худо шахсига таянади. Худонинг табиати мутлақ комил (абсолют) ва ўзгармасдир. Ҳақиқат ихтиёрий эмас, у Худонинг хусусиятларидан келиб чиқади. Муқобил динлар ва ўзи учун ҳақиқат яратиш ҳаракатлари асли пуч хаёллардир, улар реал асосларга таянмайди ва боши берк кўчага олиб келади.

Биз абсолютлар реал эканлигини, ҳақиқат таъсирли, Худога ишониш мантиқсиз (қонун-қоидалардан ҳоли) эмаслигини исботлашни мақсад қилдик. Ишонч ноиложликда қилинадиган асоссиз умид эмас. Аксинча, у мустаҳкам асосга эга, уни идрок этиш мумкин, у қаноат олиб келади. Масиҳий бўлганимиздан кейин ҳам биз имон-эътиқодимизда ақлни ишга соламиз ва ҳаётдан севинишни давом эттирамиз. Бундан ташқари, айнан Худода – бутун борлиқнинг Яратувчисида биз имон, дин-эътиқод ва фалсафага доир саволларга жавоб топамиз, У билан шахсий муносабат эса бизга ҳақиқий бахтиёрлик улашади.

Худога бўлган имонимизни асослар эканмиз, шуни тушунамизки, мантиқий асослар орқали ишонч келтирганлар жуда оз. Кўпчилик уларга бефарқ бўлмаган яқинларининг ҳаётида ўзлари учун истаган қувонч, эртанги кунга бўлган ишончни кўриб, уларнинг гувоҳлигини эшитиб, сўнг Худога келишган. Буни ҳар доим эсда тутайлик. Жуда кўп масиҳийлар имон-эътиқод асосларини тушуниб олмасидан аввал, мана шундай гувоҳликлар туфайли имонга келадилар. Бошқалар эса, аксинча, Худога ишонишдан аввал, ҳақиқатнинг мустаҳкам асосларига суянганларини ҳис қилишни истайдилар.

Сизнинг қайси тоифа вакили бўлишингиздан қатъий назар, – танишингиз берган гувоҳликларга қизиқасизми ёки масиҳийлар таълимоти асосларининг баён этилиши орқали ишонасизми? Умид қиламизки, ушбу китоб масиҳийлар имон-эътиқодининг асослилигига ишонч ҳосил қилишингизга ёрдам беради.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар:

1. Нима учун ҳақиқат имондан олдин туриши керак?

2. Маърифат, модернизм ва постмодернизм нуқтаи назаридан ҳақиқат қандай тушунилади?

3. Ишонч ҳақиқатни белгилай оладими? Нима учун?

4. Бир одам учун ҳақиқат бўлган нарса, бошқа одам учун ҳақиқат бўлмаслиги мумкинми? Нима учун?

5. Одамлар эътиқод мазмунига эмас, эътиқод қилишга аҳамият берганларида нима бўлади?

6. Худонинг мавжудлигини исботлаш мумкинми? Нима учун?

7. Ўзининг ҳақ эканлигига ишониш ҳаётий эҳтиёжларни қаноатлантиришда ёрдам бера оладими? Тушунтиринг.

ИККИНЧИ БОБ

ЭЪТИҚОДИМ АСОСИДА НИМА БЎЛИШИ ЛОЗИМ?

– Ахлоқий соҳада ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ҳеч қандай мутлақ ҳақиқатга (абсолютга) ишонмайман, – деди Кевин, усти очиладиган машинасида Кори билан соҳил бўйлаб кетаётиб. Иккаласи ҳам Калифорния олийгоҳида охирги курсда ўқиётган талабалар эди. Сал аввал Кори ўтириш кечасида эндигина танишган қизни уйига олиб келиш нотўғри эканлиги, бу ахлоқий меъёрларга зид эканлигини айтган эди.

– Ўша меъёрлар эҳтимол Маърифат даврига қадар жамиятда тартиб сақлаш учун талаб этилгандир, эндиликда улар эскирди, – давом эттирди Кевин, – ҳозир бундай мезонларга эҳтиёж йўқ.

Кевин савдо маркази томон бурилди ва автомобиллар тўхташ жойига машинасини тўхтатди. Улар дўконга киришди. Кевин сёрфинг учун янги тахта излаб келганди. Бир нечтасини кўргач, улар ўзига керагини топишди.

– Мана бу, кўк ранглисининг узунлиги қанча? – сўради у сотувчидан.

– 2.60, – деб жавоб берди сотувчи.

Кевин тахтани синчиклаб кўздан кечирди.

– Адашяпсиз, – деди у, – буниси бироз калтароқ кўринади.

Бироқ сотувчи ўз фикридан қайтмади, Кевинга ҳатто тахтадаги этикеткани ҳам кўрсатди. Шунга қарамай, Кевин сотувчи адашяпти, деган фикрдан қайтмади.

– Ўлчагичингиз борми? – деди у.

Сотувчи ўлчагични олиб келди ва Кевинга тахтанинг узунлигини ўлчашга ёрдам берди. Кори тахтани ушлаб турди.

– Ҳа, тўғри айтибсиз, – тан олди Кевин, бошини қашлаб. Биласизми, назаримда калтароқдек кўринди.

У кредит карточкасини олиб сотувчига узатди ва:

– Тахтани оламан, – деди.

Тахта машинага солингач, Кори юзида табассум билан:

– Мутлақ ҳақиқатга ишонмайсан-ку, – деди.

– Тўғри, ишонмайман, – жавоб берди Кевин.

– Унда нега ўлчагич сўрадинг?

– Мени лақиллатишларини истамайман. Узунлигини аниқ билишни хоҳладим.

– Яъни, сенга эталон керак эди. Ўлчагич узунликни ўлчаш учун ўша эталон бўлади. Демак, сен барча андазаларни рад этмайсан.

– Кори, қўйсанг-чи. Биласанку, бу умуман бошқа нарса.

– Наҳотки? Ўзинг ҳозиргина менга, агар узунликни аниқлаш учун эталон бўлмаганида, биз ўта тартибсиз дунёда яшашимиз, ҳеч нарсага ишона олмаслигимизни исботладинг. Ахлоқни ўлчайдиган, бошқа одамларга нисбатан ўзимизни қандай тутишимизни баҳолайдиган эталон бор бўлса-чи?

Кори тўғри гапни айтди. Дунёда эталон бўлмаса – ўта тартибсизлик юзага келади. Билсангиз, узунлик ўлчови ҳар доим ҳам бўлмаган. Дурадгор ёғочни ўзига хос восита – оёқ кафти билан ўлчаган. Натижада, дурадгорларнинг оёқ кафти ҳар хил ўлчамда бўлгани боис, столлар ҳам бир қолипда ясалмаган. Мижозга буюртма беришдан аввал дурадгорнинг оёғини текширишга тўғри келган бўлса ажаб эмас.

Бир ривоятга кўра, қирол мана шу аниқсизликка чек қўйишга қарор қилган экан. У фармон чиқарибди ва ўша фармонга кўра, узунликни ўлчашда қиролнинг оёқ кафти мезон сифатида белгиланибди. Ўша вақтдан бери, олти фут узунликда стол буюртма берган унинг фуқаролари (табаалари) столларининг ўлчамини аниқ билишар эди, – бу столларнинг узунлиги қиролнинг оёқ кафти билан ўлчанганда, олти кафтни ташкил қилган.

Худди шу тарзда, айни вақтда ҳукуматлар ҳам эталон ўлчов тизимини ўрнатишмоқда. Улар савдо соҳасида ва кундалик ҳаётда қўлланиладиган мазкур ўлчовларнинг сақланишини кузатиб келишади.

Биз ўлчовлар ёки уларнинг келиб чиқиши ҳақида кам ўйлаймиз, лекин ҳар доим уларга таянган ҳолда иш тутамиз. Аниқ мезонлар мавжудлиги боисгина биз бир килограмм мих, бир метр мато, бир литр сут олганимизга ишонч ҳосил қиламиз. Бир шаҳардан бошқасига маълум бир тезликда ҳаракатланганимизда, манзилимизга қанча вақтда етиб боришимизни ҳам аниқлай оламиз.

Шартли ва мутлақ мезонлар

Расман ўрнатилган мезонларнинг фойдаси бор, бироқ улар мутлақ (абсолют) эмас. Уларни шартли деб аташимиз мумкин. Улар кимнингдир қарорига боғлиқ бўлади. Қарор қабул қилиш ваколати бошқа бировга ўтганда, мезонларнинг ўзгариши ҳеч гап эмас. Янги қирол узунликни ўлчашда энг яхши ўлчов бирлиги олдинги қиролнинг эмас, айнан ўзининг оёқ ўлчами маъқул деган қарор чиқариши мумкин. Европа мамлакатлари ҳукуматлари ўлчов тизими бирлигини қабул қилишга ва евро умумий пул бирлигига ўтишга қарор қилишди. Бундай бирликлар шартли бўлганига қарамай, биз уларни қабул қиламиз, чунки улар ҳаётимизни анча енгиллаштиради.

Агар ушбу масаланинг моҳиятига қарайдиган бўлсак, бировнинг қарорига боғлиқ бўлмаган мезонлар мавжудлигини кўрамиз, бунга мисол кун ва туннинг узунлиги. Ҳар бир сутка кеча ва кундуздан иборат. Йил – 365 суткадан. Ҳа, кимдир суткаларни 24 қисмга бўлишга қарор қилган ва ҳар бир қисмни “соат” деб атаган, бироқ ўша соатларнинг узунлиги инсон бошқара олмайдиган омилга боғлиқлигича қолмоқда, яъни ернинг ўз орбитаси бўйлаб айланишидан. Соатлар ва дақиқалар инсон идроки белгилай олмайдиган, мутлақ (абсолют) бирликларга боғлиқ бўлган шартли бирликлардир. Шартли мезонларга, уларнинг асосида мутлақ мезонлар қанча бўлса, шу даражадагина таяниш мумкин.

Бизда нафақат жамият фаолиятига таъсир ўтказадиган, мисол учун вақт ўлчами, узунлик, оғирлик бирлиги, валюта курси каби мезонлар бўйича, балки анча жиддий масалалар бўйича ҳам билим ва фикрларимиз ишончли тасдиқларга эга бўлмоғи зарур.

Биз инсон ҳаётининг маъноси ҳақида ўйлаймиз. Биз севги, ҳақиқат, гўзаллик, ҳалоллик ва эзгулик каби мавҳум тушунчаларнинг реаллиги тасдиқланишига муҳтожмиз. Ҳис туйғуларимиз бизга айтган нарсалар реаллигига ишонишни, яъни дарахтлар, тоғлар, қушлар, одамларнинг реаллигига ишонишни истаймиз. Биз қилган хулосаларимизнинг тўғрилиги тасдиқланишини хоҳлаймиз. Фикримиз тўғрилигига ишонч ҳосил қилишимиз учун бизга қирол фармони ёки сайёрамизнинг ўз орбитаси бўйлаб айланиши эмас, балки бошқа мезон керак. Бу мутлақ (абсолют) мезон бўлиши лозим.

Ожеговнинг рус тили изоҳли луғатида1 “мутлақ” – шартсиз, ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган, бирон нарса билан солиштирилмаган ҳолда олинган нарса деб юритилади. “Мутлақ асос (абсолют)” – бу неки бор бўлса, унинг абадий, ўзгармас бош асосидир; бу ўз эҳтиёжини қоплашга етарли, аллақандай бир шартларга ва муносабатларга боғлиқ бўлмаган нарса. Бу шубҳа туғдирмайдиган, энг олий авторитет демакдир. Бу маълум бир соҳада шубҳа-гумон туғилган пайтда, биз исбот тариқасида ишга соладиган омил. Мутлақ асос (абсолют) бизнинг билимимизни тасдиқлайди ва унга аниқлик бағишлайди. У ишончли ва ўз-ўзидан маълум нарса сифатида қабул қилинади.

Маълум бир фикрнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун, биз унга асос бўлган мутлақ нарсани (абсолютни) топишимиз лозим. Саволларга аниқ жавобларни топиш биздан мутлақ авторитетга мурожаат қилишни талаб этади. Асос бўладиган мутлақ ҳақиқат бўлиши ва у бошқа ҳақиқатларни тушунтириши лозим. Ўз асосида шубҳа туғдирмайдиган омилга эга бўлмаса агар, ҳар қандай билим пучга айланади. У ёки бу фикрнинг ҳақиқат ёки ёлғонлигини текширишда ўзи тасдиққа муҳтож бўлмаган ҳақиқатгина самарали восита бўла олади2.

Юқорида санаб ўтилган тушунчаларнинг айримлари шу даражада тушунарлики, кимдир уларни шубҳа остига солишининг ўзи ажабланарли кўринади. Севги, ҳақиқат, гўзаллик, соғлом фикр, ҳалоллик ва объектив реаллик мавжуд бўлган ва саволларга ўрин қолдирмайдигандек гўё. Бироқ, ҳозирги одамлар учун шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳақиқат йўқдек кўринади. Кўпчиликнинг назарида севги йўқ нарса. Бу шунчаки туғма ҳис-туйғу ёки табиат томонидан инсон авлодини сақлаш учун белгиланган гармонлар қўзғалиши холос. Кўпчиликнинг ҳисоблашича, ажойибот дунёда объектив кўринишда бўлмайди, балки субъектив қабул қилишнинг ўзига хос қоидаларидан келиб чиқади. Жамият ҳақиқатнинг мутлақ табиатини тобора кўп шубҳа остига солиб келмоқда. Постмодернизм жуда кўпчиликнинг онгига “ҳақиқат шартли ва ўзгаришга мойил, бир фикр ҳеч қандай жиҳати билан бошқасидан устун бўлолмайди, биронта нуқтаи назар бошқалари олдида афзаликка даъво қилолмайди”, деган фикрни сингдириб қўйди. Мутлақ ҳақиқатсиз ҳатто энг бегумон далил ҳам аниқликни йўқотади. Шундай бир шарқ таълимоти бор ва унга кўра мавжудлик асли сохта тасаввур, сохта тасаввурдир. Бизнинг назаримизда реалдек кўринган нарса, шу жумладан бизнинг мавжудлигимиз ҳам – буюк, ўз хусусиятларига эга бўлмаган космосда бир сохта тасаввур холос. Мана шу тасаввурдан келиб чиқиб фикрлайдиган одамларга бунинг нотўғри эканлигини исботлаш жуда қийин. Дунёнинг объективлигини тасдиқлаши лозим бўлган барча нарсалар улар учун тушнинг бир қисмидек кўрилади. Чимчилаб олиш билан одамни уйғотиб бўлмайди, – дейишади улар, – унинг уйғондим деб тасаввур қилиши аслида уйқусининг бир қисми бўлади.

Биз бу нуқтаи назарни асоссиз ва мантиқсиз деб ҳисоблашимиз мумкин, бироқ қай тарзда бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин? Дунёнинг реаллиги ёки хаёлийлиги, гўзалликнинг объективлиги ёки субъективлигини, ҳақиқат ҳақида ишончли хулосалар томон фикр юргизиш қобилиятини қандай исботлаш мумкин? Умуман, ҳақиқат мавжудлигини қандай билишимиз мумкин?

Биз худди узун йўлакчада тургандекмиз ва унда бир хил кўринишда кўплаб эшиклар бор. Бирлари ҳақиқат сари, бошқалари эса хато тушунчалар сари йўл очади. Қайси бирига киришни қандай биламиз?

Биринчи синфда ўқиган қизча жавоб топди. Синфдоши дарсга икки ҳафталик кучукча олиб келди ва ўша кучукча ҳақида ҳикоя қилиб берди. Муҳокама вақтида кучукчанинг жинси ҳақида савол туғилди, бироқ болалар буни қандай аниқлаш мумкинлигини аниқ билишмасди.

Меган қўлини кўтарди ва:

– Қандай аниқлашни биламан, – деди.

Бу вазиятда қушлар ва асаларилар ҳақида гапира бошлашга ҳозирлик кўраётган ўқитувчи аёл сўради:

– Қандай биласан, Меган?

– Биз овоз берамиз, – деди Меган.

Албатта, кулгили эшитилади. Бироқ Қўшма Штатлар аҳолисининг катта қисми айнан ўша ҳолатни қўллаб келмоқда. Демократия тамойиллари бўйича қарорлар аксариятни ташкил қилган томон асосида қабул қилинади. Бағрикенглик, тенглик ғоялари кўпчиликни ҳар қандай фикрда қисман бўлсада, ҳақиқат бор деган хулосага олиб келди. Кўп-кўп баҳсларни келтириб чиқараётган: аборт, гомосексуализм, эвтаназия, эркин жинсий муносабатлар каби масалалар жамият томонидан маъқулланса бас, тўғри деб тан олинмоқда. Кўпчиликнинг таъкидлашича, бошқалар садоқат, поклик, муҳаббат ва ҳалолликка амал қилгани сингари, улар ҳам ўзлари танлаган қадриятларга амал қилишга ҳақли. Улар иккала қадриятлар тизими ўртасидаги тамойил фарқни ажратишмайди ва танлов аксарият томонидан белгиланиши лозим деб ҳисоблайдилар. Улар учун мутлақ нарсалар (абсолютлар) йўқ, бўлган тақдирда ҳам, ҳеч қандай аҳамият касб этмайди, одамлар нимага ишонишни ўзлари танлайдилар ва бу борада ўзларига қулай тамойилларга асосланишади.

Ҳаёт тарзимиз ҳам, худди кун узунлигини ер шарининг айланиши белгилагани сингари, аллақандай бир мутлақ асос (абсолют) томонидан белгиланадиган бўлса, бу ҳолда уни ҳисобга олмаслик хавфли бўлади. Бу эса одам ўзининг мавжудлигини олам тузуми мувофиқлигидан чиқариб олиши билан баробар. Агар мутлақ асос (абсолют) мавжуд бўлса, жамият ҳатто асосан бошқа асосларни мақбул кўрган тақдирда ҳам, ҳаётда барқарорлик ва аниқлик унинг асосидагина шаклланади.

Аксарият томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат ҳам, худди сутканинг меъёр узунлигини ўзгартира олмагани каби, мутлақ ахлоқий (абсолют ахлоқ) меъёрларни ҳам ўзгартира олмайди. Жамият ўзининг қулайликларини ўйлаб қанча инжиқлик қилмасин, реалликни бу билан заррача ҳам ўзгартира олмайди. Ахлоқий негизларни такомиллаштириш деб аталган нарса кулфатларни ва ўта тартибсизликларни келтириб чиқаради.

Ҳақиқатни на ўзгартириб, на бўйсундириб бўлади. Унинг асосида шартсиз, ҳеч қачон ўзгармайдиган, мутлақ асос (абсолют) ётади.

Мутлақ нарсани (абсолютни) очиш

Фикримиз ҳақиқатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқлашнинг бирдан-бир йўли – бу унинг асос пойдевори ишончли эканлигига қаноат ҳосил қилишдир. Биз фикримиз моҳиятини тушуниб олишимиз, унинг қатламларини бирин-кетин очиб, ўзагига етишимиз лозим. Биз ўз имон-эътиқодимизга, худди уйимизнинг мустаҳкамлигига бўлгандек ишониб, таянамиз. Иккинчи қаватда яшашга қўрқмаймиз, негаки унинг остида пишиқ ва мустаҳкам қурилган биринчи қават бор. Биз биринчи қаватга ишонамиз, негаки унинг остида мустаҳкам пойдевор бор. Пойдевор эса ўз навбатида қаттиқ ерга таянади. Излашда янада чуқурлашишдан фойда йўқ. Тажриба ҳам, соғлом ақл ҳам, ички сезгимиз ҳам ерчалик мустаҳкам, қўзғалмас нарса йўқлиги, унинг ишончли эканлигига амин бўлиш мақсадида яна ҳам чуқур кавлаш учун вақт, сармоя сарфлаш нодонлик билан баробар эканлигини айтади. Бу қурувчи учун мутлақ ҳақиқат ҳисобланади.

Ўз имон-эътиқодимизнинг ишончли эканлигига ҳам биз худди шу тарзда амин бўламиз. Соғлом ақл йўриғи билан биз, то тўғрилигига ўзимиз орқа қила оладиган асос-пойдевор ҳақиқатга етмагунимизча, уни босқичма-босқич ўрганамиз. Бу очиқ-ойдин кўринган, шубҳа-гумонга ўрин қолдирмайдиган, тажриба исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Биз машина мотори ўчиб қолган одамга ёрдам бериш лозим деб ҳисоблаймиз, чунки “одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар”, деб ўргатган қоидани тан оламиз. Бу дунёда бир-биримизга боғлиқ эканлигимизни тушунганимиз боис, биз буни шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳақиқат деб биламиз. Биз ўзаро боғлиқликка жиддий қарашимиз лозимлигига ишонамиз, чунки жамиятни сақлаш зарурати борлигига шубҳаланмаймиз. Деярли ҳар ким бу ҳақиқатни тан олади. Бу азалдан ҳар қандай жамиятда тўғри деб ҳисобланган.

Аммо мутлақ, асос бўла оладиган ҳақиқатга биз ҳали етиб келмадик. Нима учун жамият сақланиши лозим? Ким буни айтди? Нима учун бу муҳим? Нима учун биз шундай ҳисоблашимиз керак? Жавоб ўз-ўзидан тушунарли бўлиши мумкин, бироқ ҳамма қабул қилган фикр ўз асосида мутлақ ҳақиқатни сақлашига амин бўлиш учун, биз яна ҳам чуқурроқ қарашимиз лозим. Шубҳа-гумонга ўрин қолдирмайдиган, сўнгги босқичдаги бундай ҳақиқат мантиқий зарурат ҳисобланади.

Мутлақ нарсанинг (абсолютнинг) ишончли эканлиги

Эътиқодига ишонган мулоҳазакор мутлақ асос (абсолют) исбот талаб қилмайди деган фикрга қўшилмаслиги мумкин. Онгли бўлганимиз боис, ўз имон-эътиқодимизга асослар келтиришга ҳаракат қиламиз. Нима учун аллақандай бир мутлақ нарсага (абсолютга) ишонишимиз керак? Ҳақиқат исботланмас экан, нима учун унга ишонишимиз керак?

Биз мулоҳаза қилмасликка чақирмаймиз. Айнан ақл-идрокимиз бизга мутлақ асос (абсолют) исбот талаб қилмаслигини, чунки агар исбот талаб қилганда, у мутлақ асос (абсолют) бўлолмаслигини айтади. Бу ҳолда у исбот талаб қилмайдиган мутлақ нарсанинг (абсолютнинг) тасдиқланишини талаб этувчи, шартли мезон бўлиб қоларди. Исбот қилинмайдиган нарса ё қабул қилиниши, ё рад этилиши лозим. У кўр-кўрона қабул қилинмаслиги керак. Соғлом фикр бизга бунинг оқилона муқобил бўлмаган мантиқий зарурат эканлигини айтиб турганда, биз мутлақ нарсага (абсолютга) ишонамиз. Шунда, бизга ёқиши ёки ёқмаслигидан қатъий назар, биз уни қабул қиламиз.

Албатта, биз ўжарлик қилиб, вазиятни сўнгги нуқтада эканлигини тан олмаслигимиз ва тажриба орқали текширилишини талаб қилишимиз мумкин. Қурувчи яна ҳам қаттиқ жинсни излаб, чуқур қазишда давом этиши мумкин ва бу ҳолда у ҳеч нарса барпо этолмайди, қилгани – чуқур қазиш бўлади холос. Худди шу тарзда биз ҳам, агар мутлақ нарсани (абсолютни) қабул қилишдан бош тортсак, ҳеч қачон, ҳеч нарсага ишонмаймиз, ҳаётимиз шунчаки чуқурлик сингари – бўш ва маъносиз бўлади.

Биз кўр-кўрона ишонишни, инсон идрокига эътиборсиз бўлишни тарғиб қилмаймиз. Ушбу китобни ўқир экансиз, биз бунинг мутлақо тескарисига чақиришимизни кўрасиз: ишонч асосида фикр-мулоҳаза қилиниши лозим. Бироқ фурсати келганда, соғлом ақл исбот талаб қилишдан тўхташи ва ҳақиқатни мантиқий зарурат сифатида қабул қилмоғи даркор. Ҳар ким мутлақ нарсага (абсолютга) асосланади, ҳатто энг ўжар мулоҳазакор ҳам. Қандай қарашларни қўллашингиз, Худога ишонадиган одам бўласизми ёки натуралистмисиз3 фарқи йўқ, агар ўйлаб қарасангиз, эътиқодингиз исботлаб бўлмайдиган, мутлақ нарсадан (абсолютдан) келиб чиқишига амин бўласиз.

Мулоҳаза қилишнинг фойдаси катта, шундай экан бундан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз керак. Шу билан бирга, биз ҳар доим таҳлил предметни аниқроқ кўришга ёрдам бериши лозимлигини, унинг ортида асос-пойдеворни кўра олишимизни ўз-ўзимизга эслатиб туришимиз зарур. Агар ўша асоснинг ўзини ойдинлаштиришни талаб қилсак, бу ҳолда мулоҳазаларимиз пучга чиқади. Клайв Льюис айтганидек: “Оламни “ич-ичигача” тобора яхшироқ кўриб бўлмайди. Бу ишдан мақсад – унинг ортида нима борлигини кўришдир холос. Ойна шаффоф бўлиши мумкин, бироқ боғда ўсаётган дарахтларнинг шохи қалин. Бош асосни “ич-ичидан” кўришнинг кераги йўқ. Шаффоф олам – кўринмас олам демакдир; Ҳамма нарсани “ич-ичидан” кўрган одам, аслида ҳеч нарса кўрмаган бўлади”4.

Ҳар бир ҳақиқатни, унинг ортида ётган каттароқ ҳақиқат билан асослаб, биз охир-оқибат тушунтириб бўлмайдиган ҳақиқатга етамиз, негаки бу мутлақ (абсолют) ҳақиқат бўлади. Уни фақат бошланғич асос сифатида қабул қилиш мумкин холос. Саволларимизга жавоб ҳам, имон-эътиқодимизнинг мазмун-моҳияти ҳам унда мужассам.

Яъни, ҳақиқатнинг ишончлилигини тасдиқлаб бўлмас эканда? Исботлаб бўлмайдиган мутлақ нарсани (абсолютни) шунчаки қабул қилиб, ҳақиқатни излашда тўхтайдиган бўлсак, ўша бошланғич мутлақ ҳақиқатнинг тўғрилигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин? Табиатдан бошқа ҳеч нарса йўқ деган хулосадан бошлаш мумкин. Худо мавжуд деган хулосадан бошлаш мумкин. Бири ҳам, иккинчиси ҳам илмий томондан тасдиқланмас экан, балки иккала тахминни тенг деб ҳисоблаш керакдир?

Асло. Тажриба – воқеликни билиш усули бўлиб, унинг асосида биз қайси мутлақ асос (абсолют) атрофимиздаги оламни айниқса изчил тушунтиришини аниқлай оламиз. Овчи ҳайвон қолдирган изга қараб, унинг қайси турга мансублиги, катталиги ва ҳаракат тезлигини аниқлагани каби, биз ҳам реаллик асосида ётган мутлақ асос (абсолют) ҳақида, унинг таъсир доирасига қараб хулосалар қилишимиз мумкин. Тажрибамиз ҳақиқатнинг реаллиги ва унинг асосида қандайдир мутлақ асос (абсолют) мавжудлиги ҳақида хулоса учун етарлича маълумот беради.

Аксарият одамлар, агар шундай мутлақ асос (абсолют) мавжуд бўлса, бу фақат Худо бўлиши мумкинлигини тушунади. Бироқ замондошларимизнинг кўпчилиги илмий натурализм ва постмодернизм таъсири остида ўсган, шу тариқа улар ё Худонинг мавжудлигини шубҳа остига солишади, ё Уни тўлиқ рад этишади. Бироқ агар Мутлақ (Абсолют) Худо мавжуд бўлмаса, объектив ҳақиқат мавжуд бўлиши имкони ўз-ўзидан йўқолади. Худони рад этганлар тартиб, ҳақиқат, маъно ва мақсад ёки реаллиги умуман савол остида бўлган мавҳум дунёда яшаётганларини тан олишлари керак.

Ушбу китоб Худони рад этишнинг оқибатларини кўриб чиқиш билан Уни ҳақиқат ва реалликнинг бошланғич асоси сифатида тан олишни таққослашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Биз Унинг мавжудлигини илмий йўллар билан исботлашга ҳаракат қилмаймиз, бироқ Унга ишониш мантиқий зарурат эканлигини кўрсатамиз. Худосиз воқелик асоссиз бўлар эди, шу боис унда маъно ҳам бўлмасди. Худонинг мавжудлигини илм билан исботлаб бўлмайди, бироқ бунга оқилона мулоҳаза қилиш орқали эришиш мумкин. Олимлар фазодаги қора бўшлиқларни муҳокама қилгани каби, биз ҳам Худонинг мавжудлигини муҳокама қиламиз. Қора бўшлиқлар кўзга кўринмайди, бироқ олимлар уларни юлдузларга кўрсатиладиган гравитацион таъсиридан билиб хулоса қилишади. Бундай таъсир фақат қора бўшлиқлар деб аталадиган ҳодиса туфайли келиб чиқиши мумкин. Худо кўринмайди, аммо биз Уни оламга кўрсатган таъсиридан билиб оламиз, бундай таъсирни фақат Худо кўрсата олади. Бу борада бизда чиндан ҳам, Унинг мавжудлилига исбот-далиллар бор. Биз ушбу мутлақ ҳақиқат асосида ҳаётда ишончга қандай эга бўлиш мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Мутлақ асос (абсолют) бу нима?

2. Шартли мезонлар ва олий, мутлақ нарсалар (абсолютлар) ўртасида қандай фарқ бор?

3. Ҳозирги оламда мезонларнинг амалий вазифаси нимадан иборат?

4. Мутлақ нарсанинг (абсолютнинг) роли нимадан иборат?

5. Ҳақиқат, гўзаллик, эзгулик, муҳаббат каби мавҳум тушунчаларнинг мутлақ асос (абсолют) томонидан тасдиқланишига зарурат борми? Нима учун?

6. Мутлақ нарсани (абсолютни) тан олгач, мулоҳаза қилишдан тўхтаймизми?

7. Бошланғич мутлақ асос (абсолют) деб нима тан олиниши мумкин? Икки муқобилдан бирини исботлаш мумкинми? Нима учун?

УЧИНЧИ БОБ

ФИКРИМ ТЎҒРИЛИГИГА ИШОНЧ ҲОСИЛ ҚИЛА ОЛАМАНМИ?

Янги туғилган чақалоқ онасининг табассум қилган юзига тикилади. У ҳали ҳеч қачон инсон юзини кўрмаган, шу тариқа нимага қараб турганини ҳам билмайди. Аввалига бу кўзлар, бурун, лаблар унинг учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги тайин. У фақат ҳаракатланаётган рангларнигина кўради холос. Унинг бундан маъно топиши худди биз мавҳум экспрессионизмдан маъно топганимиз билан тенгдир. Бола ҳатто атрофни кўраётганини тушуна бошлаганидан кейин ҳам, унинг ҳали ривожланиб улгурмаган онги онаси ва отасининг юзи у кўрмайдиган, назари етмайдиган доираларда ҳам мавжудлигини фаҳмлай олмайди. Кейинчалик, отаси у билан ўйнаб, кўрпа ортида юзини дам яшириб, дам кўрсатган пайтларда, бола онги бундаги боғлиқликни кўриб хулоса қилади ва отасининг юзи у кўринмаган паллада ҳам мавжуд бўлиб қолаверишини фаҳмлаб олади.

Бола ўсган сари, унинг онги атрофдаги олам ҳақида янги ва янги хулосалар қилиб бораверади. Мисол учун, унга ер шари гарчи ялпоқ кўринсада, аслида юмалоқ шаклга эга эканлигини айтишади. Бола қуёш чиқиши, қуёш ботишини кўради, кемаларнинг уфқ орқасига яширинишини, куннинг маълум бир палласида юлдузларнинг жойлашувини кузатади, мулоҳаза қилиб, ер шарининг асл шакли қанақа эканлигини билиб олади. Қизиб турган плитага қўл тегизгач, тортиб олади ва сўнг яна кимнингдир худди шундай қилганини кўрганидан кейин, одамларда бир хил сезги бўлишини тушунади. Унда инсон фақат мулоҳаза орқали била оладиган нарсалар борасида тушунчалар тобора кенгайиб боради.

Мулоҳаза қилиш қобилиятини кўпчилик ўз-ўзидан маълум нарсадек қабул қилади. Кўринмайдиган барча нарсаларни тушуниш учун, биз ҳар куни ақлни ишга соламиз. Бироқ хулосаларимизга қай даражада ишонч ҳосил қила оламиз? Биз уларга ишона оламизми ёки шахсий тажриба ва ташқи муҳит таъсири остида қолган онгимиз бу ерда самарасизми? Ҳозирги дунёда одамлар ҳеч нарсага ишонмай қўйишди ва жуда кўпчилик инсон онги ҳақиқатни кашф эта олишига шубҳа билан қарайди. Бу масала ҳақида чуқур ўйлаган одамлардан бири XVII асрда яшаган француз файласуфи Рене Декарт ҳисобланади. Унинг асосий тезиси “фикр қиляпманми, демак мавжудман”, деган иборада акс эттирилган бўлиб, бу мавжуд бўлганликнинг исботи бундан шубҳалана олиш ҳисобланишини англатади. Файласуфларнинг очиқ-ойдин бўлган нарсани бу даражада чалкаштира олиши гоҳида ажаблантиради. Олим ойнага қараб, ўзининг мавжуд эканлигига ишонч ҳосил қилмаганми? Бироқ унинг таърифлаган фикрида, бир қараганда кўрингандан кўра кўпроқ маъно бор. Ҳар қандай маслак, агар мутлақ (абсолют) асосга таянмаса, шубҳалидир ва файласуф унинг мавжудлиги ўзини-ўзи алдаш эмаслигини тасдиқлаб берадиган асосни излаган. Мавжудлиги уйдирма эмас, балки объектив ҳодиса эканлигини исботлашга ҳаракат қилиб, у бунинг реаллигини шак-шубҳасиз, ўз-ўзини англаши исботлаб беради деган хулосага келган.

Декарт давридан буён файласуфлар инсон идрокига нафақат ўзини, балки атрофдаги оламни ҳам таниб-билиш қобилияти хосдир, деган фикрни илгари суришади. Постмодернизм даврига келибгина инсоннинг бундай қобилиятга эгалиги шубҳа остига солина бошланди. Бу масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бунга қуйидаги нарса сабаб: маълумки, ушбу китобни ўқийдиганларнинг кўпчилиги бошданоқ Муқаддас битикларни ҳам, дин-эътиқодни ҳам қабул қилмайди, бошқалар эса илмга ишонмайди. Шу тариқа, гарчи Муқаддас битикларга ҳам, илмга ҳам катта эътибор қаратганимиз билан, ўз хулосаларимизда буларнинг иккисига ҳам асосланмаймиз. Биз соғлом ақлдан келиб чиққан ҳолда фикр юритамиз. Аммо бу ерда ҳам қийинчиликлар йўқ эмас. Жуда кўпчилик инсон онги тўғри фикр қилишини шубҳа остига солади, буни ҳисобга олган ҳолда биз ақл-идрокка мурожаат қилишнинг тўғри эканлигини асослаганимиздан кейингина, унга таяна оламиз. Биз хулоса чиқариш асосида ишончли, мутлақ асос мавжудлиги боис, бу қобилиятга таяниш мумкинлигини кўрсатишимиз керак.

Постмодернизмнинг ақл-идрокка нисбатан ишончсизлиги

XX аср ўрталарига қадар ғарб идроки Маърифат ғоялари таъсири остида шаклланган, Маърифат тарафдорлари инсон идрокини ҳамма нарсадан устун қўйишган. Улар айнан идрок одамзодни ҳақиқатга олиб келишига ишонган. Маърифат ғоялари Француз инқилобига дош беролмаган бўлсада, одамзодга идрок қудратига бўлган ишончни мерос қилди, бу ишонч мана яқин ўтмишдагина сўроқ остига солинди.

Постмодернистларнинг фикрига кўра, идрок Маърифатнинг муваффақиятсизлиги туфайли ўз мавқеини йўқотди. Уларнинг ҳисоблашича, ҳақиқатни билиш учун восита сифатида инсон идрокига ишонишни давом этаётганлар реалликка асоссиз фалсафа призмаси орқали қарашади. Биз, – дейди улар, – объектив фикрлашга қодирмиз дея, ўзимизни алдаймиз. Биз маданият ва фалсафа томонидан тамомила булғанган идрокимизга ишона олмаймиз. Биз ақл-идрок деган нарса аслида маълумот етишмагани боис тахминларга ва нотўғри тушунчаларга асосланган нуқтаи назар холос. Реалликни оқилона қабул қилишга уринсакда, аслида фикримиз жимжимадор ифода этиладиган имонга асосланади ва биз уни объектив деб ҳисоблашга ўрганиб қолганмиз.

Идрокка нисбатан ўта катта умидларни рад этган постмодернистлар ҳаддан ортиқ ҳолатнинг бошқа турига рўпара бўлишди. Муҳит ва майлликнинг таъсири идрокимизни мутлақо кучсиз даражага олиб келади, дейиш катта муболаға бўлади. Албатта, орамизда ҳеч кимни бундай таъсирдан мутлақо озод деб бўлмайди, бироқ бунга қарамай, биз объектив ҳақиқатни ҳеч бўлмаса қисман билолмаймизми? Шароитлар бизнинг кўриш қобилиятимизга таъсир кўрсатсада, лекин биздан уни тўлиқ тортиб ололмайди. Биз унинг доимо ўзини намоён қилишини биламиз. Ҳар сафар қароримизни ўзгартирганимизда, бу билан нохолис фикримизни енгган бўламиз. Гоҳида эса биз мутлақо бошқа нуқтаи назарга ўтамиз. Агар олдиндан пайдо бўлган, шартли фикрларимиз енгиб бўлмайдиган даражада бўлганида, исботлаш, ўргатиш, ишонтириш, тўғрилашга қаратилган ҳар қандай ҳаракат маъносиз, ҳақиқатни излаш эса – беҳуда ҳаракат бўлар эди.

Инсон онгининг ожизлигига далил сифатида постмодернистлар кўрлар филни пайпаслаб ўргангани ҳақида машҳур ҳикояни келтиришни яхши кўришади. Бири филни думидан ушлабди ва фил арқонга ўхшайди, деган хулосага келибди. Бошқаси филнинг биқинини ушлабди ва унинг деворга ўхшашини айтибди. Учинчиси филнинг оёғини пайпаслаб, уни дарахтга ўхшатибди. Уларнинг ҳар бири олган маълумотларидан келиб чиқиб, ўзича хулоса қилди, аммо шунча хулосалар ҳам уларга ҳақиқатни, яъни филнинг аслида қандай эканлигини тушунишларига ёрдам беролмади. Постмодернистларнинг фикрига кўра, бу мисол ҳақиқатни тушунишда инсон идроки ишончли восита бўлолмаслигини кўрсатиб беради.

Бироқ кўрларнинг муваффақиятсизлиги инсон идрокининг ноқислигидан дарак бермайди, бу нотўғри мулоҳазанинг оқибатига бир мисол холос. Фил ҳақида тахминлар, агар уларни келтирганлар бироз камтарроқ бўлганларидагина, ҳақиқатга анча тўғри келар эди. Филнинг думи арқонга ўхшайди (филнинг ўзи эмас), деворга эса – биқини, дарахтга – оёқлари ўхшайди. Ҳар бири реалликнинг бир қисмини жуда аниқ таърифлаган. Хато шундан иборат эдики, озгина маълумот асосида жуда катта хулоса қилинди. Уларнинг ҳар бири етарли бўлмаган маълумотлар асосида хулоса чиқаришга ҳаракат қилди. Одамлар нотўғри фикр юритиб, нотўғри хулосага келишди. Мазкур мисол инсон идрокининг ноқислигини ҳам исботламайди. Бу худди мусиқани яхши тушунмайдиган одамнинг Бетховен ёзган мусиқа ҳеч нарсага ярамайди деб хулоса қилишига ўхшайди. Идрокнинг тўғри ишга солинмаслиги нотўғри хулосаларга олиб келиши боис, постмодернистлар ҳақиқатни излашда ундан ориентир сифатида фойдаланишдан умуман бош тортишади. (Қари ит гоҳ-гоҳида сабабсиз вовуллаб турса, унга тумшуқбоғ тақиб, уйни қаровсиз қолдирамизми?)

Постмодернистлар уларнинг фил ҳақида мисоли ўзлари истаган нарсанинг нақ тескарисини исботлашини кўришмайди. Кўрлар чиндан ҳам ҳақиқатни очишди, гарчи бир хил бўлмасада. Муаммо фақат шу эдики, уларнинг биронтаси ҳам тўла ҳақиқат бўлмаган. Агар тадқиқотчиларимиз бир-бири билан ўз таассуротлари ҳақида бўлишганларида, жойларини алмаштирганларида, ушбу мулоҳаза ва шахсий тажрибадаги камчиликлар ўз ечимини топиб кетар эди. Бир бутун қилиб тўпланган билимлар уларни фил ҳақида объектив ҳақиқатга анча яқинлаштирган бўларди.

Мулоҳазамизни давом эттирамиз. Агар кўрлардан бири нотўғри тушунчага эга бўлгани оқибатида, озгина текширувдан кейин жуда субъектив хулосага келганида-чи, таъкидлаш жоиз, постмодернистларнинг фикрига кўра, юқоридаги ҳолат айнан шунга олиб келади. Дейлик, филнинг биқинини пайпаслаган кўр бутун умрини деворлари гилам билан қопланган уйда ўтказган. Сезиш органлари орқали олган маълумотларни у ўзи учун одатий бўлган тажрибага боғлаган бўларди. У жуда самимийлик билан дўстларига филнинг биқини гиламга ўхшашини айтар эди. Агар субъектив шартланганлик уни шундай хулосага олиб келса, бу ҳолда унинг фикри ҳаққоний бўладими? Ва агар тугал хулосаси, яъни “фил гиламга ўхшайди” дейиши, унинг учун ҳақиқат бўлса, бу ўша ҳақиқат чинакамига тўла эканлигини англатадими? Шахсий майлликлар, нотўғри тушунчалар таъсирида шаклланган ва холис бўлмаган фикрларни “ҳақиқат” деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу ҳолда мазкур атаманинг ўзи маъно ва мазмунини йўқотади. Агар ҳақиқат ҳар нарсани англатиши мумкин бўлса (постмодернистлар шундай ҳисоблайдилар), бу демакки у ҳеч нарсани англатмайди.

Давом эттирамиз. Тасаввур қилинг, уларнинг ҳаммаси филнинг биқинини пайпаслаб кўришди ва ҳаммаси ниҳоятда субъектив хулосаларни қилишди. Бирига фил тошли деворни, бошқасига – пластик қопни, учинчисига – дарахт шохини, тўртинчисига – бир бўлак ёғни эслатади. Гарчи бу ерда кўрсатилган барча фикрлар фил ҳақида ҳақиқатни билиб олишда ҳеч кимга ёрдам бера олмасада, улардан биронтаси ҳам филнинг ҳақиқий реаллигига таъсир кўрсата олмайди. Тадқиқотчилар берган таърифлардан қатъий назар, фил ўзининг барча, ажралмас сифатлари билан объектив мавжуд бўлиб қолаверади. Ҳақиқат ҳақида тасаввурлар қанчайин ноаниқ бўлмасин, у объектив мавжудлигича қолаверади ва постмодернизм хатосининг негизи буни инкор этишдан иборат бўлган.

Субъектив тажриба айтган нарсалар билан билимимизни чегаралашга ҳожат йўқ. Кўрлар агар олган таассуротлари билан бўлишганларида, ҳақиқатга яқин келишарди, худди шу тарзда биз ҳам, маълумотлар ва хулосалар билан бўлишиб, бу орқали билимимиз чегараларини кенгайтириш имконига эга бўламиз. Биз билим олишимиз мумкин. Гарчи ноаниқликлар давом этсада, бирлаштирилган тажриба ва мулоҳазалар умумий манзарани яхшироқ кўришга ёрдам беради.

Кўпчилик одамлар постмодернизм ғояларини қўллаган бўлишларига қарамай, Худога ишонишда давом этади. Улар Худони ички ҳис билан тан олишади, аммо оқилона тасдиқларга зарурат борлигини ҳис этишмайди. Имонлиларга оқилона тасдиқлар керак бўлмаса ҳам, улар худди ҳеч қачон зарур деб топилмайдиган парашют, ўт ўчиргич ёки заҳира ғилдирак лозим бўлганидек зарурдир. Худо ҳақида мулоҳаза қилинмаган тақдирда ҳам, Унга эътиқодимиз оқилона бўлиши керак. Имонлилар ўз имон-эътиқодига далиллар келтиришга тайёр бўлиши лозим, чунки бошқалар ҳам далил-асосларга муҳтож бўлишади. Бу шундай одамларки, то уларга эътиқодимиз мустаҳкам оқилона асосга эга эканини кўрсатмагунимизча, улар буни хурофот деб билишади.

Инсон идрокига ишонмаган одамга эътиқоднинг оқилона эканлигини исботлаш имконсиз бўлгани боис, биз аввало унинг ишонишга лойиқ эканлигини исботлашимиз зарур.

Инсон идрокига ишониш мумкинми?

Олдинги бобда биз имонлилар қандай бўлса, натуралистлар ҳам худди шу тарзда ўз эътиқодида қандайдир, мутлақ нарсаларга (абсолютларга) таянади деган хулосага келдик. Аммо мулоҳазакорлик ғояларига қатъий ишонган одамлар бирон нарсани бошланғич омил сифатида қабул қилишдан қатъиян бош тортишади. Улар оқилона таҳлил воситасида ўрганиб бўлмайдиган нарса йўқ деб ҳисоблайдилар. Бироқ бундай нуқтаи назарни билдирар экан, улар бу билан инсон хулосаларига ишониш мумкин деган хулосани тан оладилар. Биз тафаккуримизга ишониш мумкин деб ўйлаймиз ва шунинг асосида хулоса қиламиз. Биз ҳодисаларни шубҳа остига соламиз, далиллар келтирамиз, тушунтирамиз, идрокка мурожаат қилиб, исботлаймиз; мулоҳаза қилиш қобилиятига келганда, уни исботлашни, тушунтиришни, далилларга асослаш ва шубҳа остига солишни ўринсиз деб биламиз. Биз учун у ўз-ўзидан маълум нарсадек бўлиб қолган.

Орамизда аксарият ўзининг мана шу қобилияти ҳақида ўйламайди. Фикр-қарорларимиз назаримизда ўта оқилона, атрофимиздаги реалликка мувофиқдек кўринади. Абстракт тафаккурни талаб қиладиган математик хулосалар амалий тажриба воситасида текширилади. Иккига иккини қўшсангиз тўрт бўлади, деган хулосага шунчаки ақлий ҳаракат билан эмас, балки тажриба йўли билан ҳам келиш мумкин. Стол устига иккита олма қўйиб, уларни санайлик. Сўнг ёнига яна иккита олма қўйиб, яна бир марта санайлик. Шу тарзда биз абстракт мулоҳазаларимизнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қиламиз: тахмин қилганимиздек, натижада тўрт келиб чиқади. Кўряпмизки, мулоҳазалар билан реаллик ўртасида зиддият йўқ.

Шундай бўлсада, реалликни ҳиссиётлар орқали қабул қилишимизга мулоҳазаларимизнинг объективлиги ва оқилоналигига ишонч ҳосил қила оламизми? Олмалар чиндан ҳам реалми, математика инсон ақлининг маҳсулигина эмасми? Ақлдан озган одам ўзининг мулоҳазалари оқилона эканлигига ишонади ва ташқи реалликда бунга тасдиқ-далиллар топади. Ўзини Наполеон деб ҳисоблаган одам, ўз атрофида фикрининг ҳақ эканлигини инкор қилиб бўлмайдиган далилларни кўради. У билан об-ҳаво ҳақида гаплашсангиз, у сизни фельдмаршал Веллингтон томонидан юборилган айғоқчи ўрнида кўради ва қулай об-ҳаво шароитида ҳужумга ўтишни режалаштираётганингизни ўйлаб, сиздан шубҳаланади. Ақлдан озган одам реаллик ҳақида ўзининг гумроҳлигидан келиб чиқиб, хулоса қилади. У дунёни ўзининг бузилган онги билан ўлчайди ва кўз ўнгидаги манзара аслида воқеликдан йироқ эканлигини пайқамайди.

Соғлом одамларнинг онг-тафаккурида ҳам ноқисликлар бўлиши мумкин. Булар ташқаридан кўрсатиладиган бир лаҳзалик ёки доимий таъсирнинг оқибати бўлиб чиқади. Шунга ўхшаш, вақтинчалик таъсир бўлган ҳолатни эслайман. Бир одам стоматолог курсисида уйқу дори танага киритилган пайтлари ижодий илҳоми айниқса кучли келишига қаттиқ ишонар эди. Ўзига келиб, у ўша доно фикрларнинг биронтасини эслолмаганидан жуда хафа бўларди. Бир куни стоматолог ҳузурига бораётиб, у ўзи билан ручка ва ёндафтарча олибди. Мақсади – ҳамма нарсани ёзиб олиш бўлган. Наркоздан кейин ўзига келиб қараса, мутлақо бемаъни нарсаларни ёзиб ташлаган экан.

Ўз-ўзидан тушунарлики, наркоз унинг нафақат онгига, балки билиб фикр юргизиш қобилиятига ҳам таъсир қилган, оқибатда одам буни тушунишга қодир бўлмай қолган. Тан олишимиз керак, ўз мулоҳазаларимизда то ҳақ эканлигимизни ҳис-туйғу орқали ва субъектив равишда ҳис қилиб, мутлақ нарсага (абсолютга) асосланмагунимизча, ҳаммамиз худди шундай ҳолатда бўламиз. Шундай мутлақ асос (абсолют) бўлмаса агар, биз ҳам ҳар ким хаёлидаги нарсаларни оқилона деб ҳисоблайдиган психиатрия шифохонасида эмаслигимиз, балки мантиқли Коинот ҳақида фикр-қароримиз оқилона эканлигига ишонч ҳосил қилолмаймиз.

Идрокимиз асослана оладиган мутлақ асос (абсолют) борми? Ўзини Наполеон деб ҳисоблаган одамдан фарқли эканлигимизга қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?

Инсон идрокининг асосли эканлигини исботлашга ҳаракат қилганимизда, олдимизда муаммо чиқади. Клайв Льюис айтганидек, инсоний мулоҳазалар ишонишга лойиқ эканлигини исботлаб бўлмайди, негаки буни фақат мулоҳазалар орқали исботлаш мумкин. Агар одамнинг мулоҳаза қилиш қобилиятини шубҳа остига соладиган бўлсак, бу масалада ўз мулоҳазаларимизга қандай ишонамиз? Агар инсон идрокига ишонмасак, бу ҳолда ундан қилинган хулосалар бемаъни бўлади. Мулоҳазалар орқали уларнинг ноқислигига қандай қилиб далил келтириш мумкин? Қозининг ўзи бир вақтнинг ўзида айбланувчи бўлиши мумкинми? Идрокимиз асосли эканлигини исботлай олмаймиз, бироқ агар унга ишонмасак, бу ҳолда ҳақиқатни тушуниш мумкинлигига ҳам ишонч ҳосил қилолмаслигимиз табиийдир.

Ўйлаб кўриш лозим. Орамизда, инсон идрокининг ишончли эканлигини тасдиқлашга ақлан ҳаракат қилганлар жуда оз. Биз шунчаки мулоҳаза қилиб, мулоҳазаларимиз натижаларини қабул қиламиз. Бизда фикр юргизишни аллақандай бир доимий ва асосий нарса – яқин вақтларга қадар савол туғдирмаган, катталикка доир маълумотлардан бири деб қабул қилишга майллик бор.

Бироқ инсон идрокини, у асосли бўлгани боис, тан олишдан аввал, биз асос-пойдеворнинг ўзини билиб ўрганишимиз зарур. Биз қачонки мулоҳазамиз асоси мутлақ асос бўлсагина, идрок хулосаларига ишонишимиз мумкин. Постмодернизм нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, мулоҳазалар қадри шубҳали кўринади, негаки бундай мутлақ асос борлигининг ўзи шубҳали. Яъни, агар шундай мутлақ нарсани топмасак, олдимизда Клайв Льюис эътироф этган муаммо туради: идрок тафаккур далилларига асосланмайди.

Натурализмнинг қарама-қарши хулосаси

Натуралистлар борлиқнинг ғайритабиий пайдо бўлишига оид бош сабабни инкор этишади. Уларнинг фикрига кўра, ҳамма нарса атомларнинг тасодифий бирлашиши туфайли ҳосил бўлган ва Коинотнинг мавжуд бўлганини фақат шу ҳодиса билан тушунтириш мумкин. Ақл-идрокнинг мавжудлиги бундай нуқтаи назарни қўлламайди, негаки унсурларнинг тасодифий ва тартибсизлик билан бирлашиш жараёни тартибга ва оқилона бўлишга олиб келмайди. Коинотни ҳодиса туфайли мавжуд дейиш, аслида Уни мантиқан билиб бўлмасликни тасдиқлашдир. Бундай моделга кўра, инсон онги (мулоҳаза қилиши тан олинган ягона восита) ҳам тасодифий кучлар маҳсули, мантиққа зид кучлар орқали улашилган молекулалар ҳаракатининг натижасига айланади.

Бундай идрокдан воқелик ҳақида оқилона хулосаларни қандай кутиш мумкин?

Натуралистларнинг хулосалари анча шубҳали, негаки мантиқсиз сабабларнинг таъсири мантиқий натижаларга олиб келолмайди. Биз Коинот унда мавжуд бўлган барча жинсларнинг тўплами холос, деб ўйлашга мажбурмиз. Бошқача қилиб айтганда, агар Коинотда илкиданоқ идрок бўлмаганида, у ривожланиш йўлида мўъжизавий тарзда бундай тус ололмас эди. Бундай фикрлаш ўрта асрларда яшаган ва қўрғошин олтин бўлиши мумкин деб ўйлаган алкимёгарлар қаторидан жой олиш билан баробар бўларди. Мантиқсиз, тартибсиз, моддий Коинотда асос-пойдевор бўлган унсур, яъни идрок мавжуд бўлмаса агар, унинг реаллик ва ҳақиқат ҳосил қила оладиган идрокни ярата олишини тахмин қилиш қанчалик ўринли бўлар экан? Бу ҳам худди ҳарфларни аралаштириб Шекспир сонеталарини ёки алифбодан биргина жумла ҳосил қилиш мумкин бўлмагандек, мутлақо имконсиз нарсадир.

Натуралистлар орасида, постмодернизм ғояларини қўлловчи кўп одамлар Коинот – мантиқсиз, тафаккур – ишончсиздир, деган хулосага келишган. Бошқалар иккала тарафни ҳам тенг қўллашга уринишади: улар Коинотда, гарчи у тасодифий пайдо бўлган бўлсада, тартиб, идрок, объектив реаллик мавжуд эканлигини айтишади. Бироқ юқорида кўрдикки, бу нуқтаи назар ички зиддиятлардан ҳоли эмас. Уни чуқур мулоҳаза қилмаган одамларгина қўллаши мумкин. Эсингизда бўлса, бир мультфильм қаҳрамони жар ёқасидан ўтиб кетгач, то пастга қарамагунича, уни ҳеч нарса ушлаб турмаганини пайқамагунича, чуқурликка қуламайди. Идрок, гарчи тасодифий пайдо бўлган бўлсада, оқилона деб ўйлаган натуралистлар мантиқсиз чуқурлигига ўтиб кетишган, лекин буни ҳали тушунганларича йўқ. Улар гарчи оёғи ҳавода турган бўлсаларда, оёғи остида идрок уларга мустаҳкам пойдевор бўлиб турибди, деб ўйлайдилар. Агар фикр-қарорига далиллар излаб, идрок қилишни давом этишса, уларнинг мантиқсизлиги охир-оқибат кўриниш беради. Шунда улар ёки фикрлари ноқис эканлигини тан олишга, ё бўлмаса, идрокни рад этиб, ўз позицияларини ҳимоя қилишга мажбур бўладилар.

Натуралистларнинг тасаввурига кўра, Коинот андазасида идрокка ўрин йўқ. Бундай Коинот тасодифий ва мантиққа зиддир. Уни олдиндан билиб бўлмайди, у доимий ўзгариш ҳолатида туради. Унда инсон идроки учун мустаҳкам асос йўқ. Мулоҳазалар орқали ҳақиқатни кашф этишга ҳаракат қилиб кўриш мумкин, бироқ бунинг учун мустаҳкам асос бўлиши лозим. Идрок ташқарида ҳам, табиат устида ҳам мавжуд бўлган оқилона, мутлақ нарсага (абсолютга) асосланмоғи даркор. Бундай ғайриоддий тамойил бўлмаса агар, бизнинг мантиқсизликка нистабатан ҳар қандай эътирозимиз асоссизлигича қолаверади.

Идрок асоси

Биз Маърифат фаоллари ортидан эргашишдан, “идрок шоҳлиги”га жонбозлик қилишдан йироқмиз. Бироқ биз ҳақиқатни оқилона деб тан оламиз, очиқ-ойдин далилларни инкор этган ва соғлом ақлга зид бўлган ҳар қандай нуқтаи назарни мантиқсиз деб атаймиз. Бир-бирини инкор этган икки ҳолат бир вақтда ҳақиқат бўлолмайди.

Биз инсон онги чегаралангани боис, реалликнинг қандайдир унсурлари номаълумлигича қолишини тан оламиз, бироқ улар ҳақида маълумотлар озлиги уларни мавжуд эмас дейишимизга асос бўлолмайди. Соғлом ақлга зид бўлмаган фикр далил-исботини тополмаса агар, уни қўллаш мантиқсиз ҳисобланмайди. Мисол учун, биз руҳларнинг қандай яшашини тушунмасак, улар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмасакда, уларнинг мавжудлигига ишонишимиз мумкин. Бундай эътиқодни мантиқсиз деб бўлмайди, негаки биз гарчи руҳларни кўриш, эшитиш, пайпаслаш имконига эга бўлмасакда, уларнинг мавжуд бўлиши мумкинлигини инкор этадиган маълумотларга эга эмасмиз. Инсон идроки бу ҳодисани ўз ичига сиғдира олмайди, уни инкор ҳам этолмайди.

Биз шундоқ зид бўлиб турган нарсани қўллай олмаймиз. Мисол учун, биз мутлақ бузилмас предмет ва ҳамма нарсани яксон қила оладиган куч мавжудлиги ҳақида фикрларнинг ҳақиқатлигини тан ололмаймиз, негаки агар улар тўқнаш келишса, иккала фикрнинг бири сохта эканлиги исботланади (эҳтимол иккаласи ҳам). Иккита шундай ҳодиса битта Коинотда, бир вақтда мавжуд бўлолмайди. Ушбу икки фикр бир-бирига зид бўлгани боис, иккаласининг ҳам ҳақиқат эканлигига ишониш мантиқсизлик бўлади. Иккала фикрдан бирини қабул қилишимиз, иккинчисини рад этишимиз ёки, агар етарлича маълумотга эга бўлмасак, қарор қабул қилишни шунчаки кейинга қолдиришимиз лозим.

Давомида (8-боб) ишонч билан идрок ўртасидаги мувофиқлик ҳақида сўз юритамиз. Ҳозирча эса ишонч идрокка мувофиқ бўлиши зарурлигини айтамиз. Инглиз ёзувчиси Честертоннинг бир асарида жаноб Браун исмли қаҳрамон сутана (католик руҳонийларининг узун устки кийимини) кийган жиноятчига унинг ҳақиқий руҳоний эмаслигини қандай пайқаб олганини тушунтиради. “Сиз идрокка қаршилик қилдингиз, – дейди Браун, – руҳонийлар бундай иш тутишмайди” 5. Масиҳийлар идрокни имондан ажратишмайди. Мутлақ нарсани излашда эмпирик доира ортига ўтган идрок имон-эътиқоднинг асос-пойдевори бўлади.

Идрокнинг ишончлилигига доир масалани жавобсиз қолдириш мумкин эмас, негаки мутлақ ҳақиқатни излаш натижаси унга бевосита боғлиқ. Ҳақиқатни излаш эса – ақл-идрок учун машқ эмас. Бу биринчи даражали муҳим масаладир ва уни писанд қилмаслик таваккал иш тутиш, хавф билан ўйнашиш билан баробар. Агар мутлақ ҳақиқат чиндан ҳам мавжуд бўлса, бу - Худога ишонмайдиган одамлар тан олишни истамаган бошқа кўп нарсалар ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигини билдиради. Юқорида айтилганидек, (2-бобда) мутлақ ҳақиқатнинг мавжудлиги оламни барпо қилган ғайритабиий яратувчининг мавжудлигидан далолат беради. Агар яратувчи мавжуд бўлса, унинг даъво талаблари – анча аҳамиятга эга бўлган реалликдир ва биз уларни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Биз ё бу саволларга жавоб топишимиз, ёки олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга тайёр туришимиз лозим. Бундай изланишда биз идрокка мурожаат қилишимиз керак бўлади. Идрокка ишониш мумкинми, йўқми деган масалага ойдинлик киритиш зарур деганимизнинг боиси шу.

Мулоҳазаларимизда биз албатта мулоҳаза қилишга қодир идрок, фақат ва фақат олий зеҳн ижоди бўлиши мумкин деган фикрга асосланамиз. Фикр-идрок табиий Коинотда пайдо бўлолмасди, негаки инсон зоти пайдо бўлишидан аввал табиатда уни ярата олиши мумкин бўлган нарса ҳақида тушунча бўлмаган. Шундай экан, идрокнинг келиб чиқиши – ғайритабиий ёки борича айтадиган бўлсак, илоҳий бўлмоғи лозим ва шундай мартабага эга бўлгани боис Коинот ҳақида (далиллар, ҳақиқат ва реаллик ҳақида) хулосалар қилишга ҳақлидир. Биз эса бу хулосаларнинг аниқлигига ишонишимиз мумкин.

Худонинг мавжудлигини тан олиш идрок борлигига доир мантиқий қарама-қаршиликни ечади ва унинг мустаҳкамлигини кафолатлайдиган мутлақ асосни (абсолютни) беради. Тажрибага асосланган маълумотлар етарли бўлмагани боис, руҳларга ишонмаслик сингари, мазкур хулосани ҳам худди шу тарзда тан олмаслик мумкин. Бироқ идрок бундай муносабатга лойиқ эмас, чунки Худонинг мавжудлигига гарчи эмпирик далиллар келтира олмасакда, Унга ишониш соғлом ақлга ҳам, биздаги маълумотларга ҳам зид эмас. Агар Худони идрокнинг мутлақ (абсолют) асоси сифатида қабул қилмасак, бу ҳолда бизда ҳеч нарса қолмайди. Агар Худони идрок манбаси деб қабул қилмасак, идрок оқилона моҳиятини йўқотади. Ёки Худо Мутлақ Зот (Абсолют), ёки биз реаллик ва ҳақиқатга доир тамомила аниқсизликка берилган дунёда яшаяпмиз.

Хулоса шундай: агар инсон идрокига ишонсак, бу ҳолда Худога ишонишимиз лозим. Агар Худога ишонмасак, биз соғлом фикр қилишга қодирлигимизга ишона олмаймиз. Агар Худо мутлақо комил Зот (абсолют) бўлмаса, эътиқодимиз ўз мантиқли асос-пойдеворга эга эмас. Идрокнинг қулаши, ҳар қандай нарсага доир аниқ билимга эга бўлиш умидларининг қулашидир. Оддий сўзлар билан айтганда, биз ё Худога ишонамиз, ёки ҳеч нарсага ишонч ҳосил қилолмаймиз.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Идрок ҳақиқатни тўлиқ тушунишга қодирми? Нима учун?

2. Ишончли хулосаларга қодир эканлигимизни қаердан биламиз?

3. Нима учун мулоҳазалар ёрдамида идрокнинг ишончли эканлигини тасдиқлаб бўлмайди?

4. Ақл-идрок тасодифий кучлар туфайли пайдо бўлиши мумкинмиди? Тушунтириб беринг.

5. Шахсий тажриба, дунёқараш ва атроф-муҳитдаги ҳодисалар таъсирида бўлган ақл-идрокка қай даражада умид қилиш мумкин? Нима учун?

6. Нима учун идрокка, қачонки унинг асосида табиий Коинотдан ҳоли мутлақ асос (абсолют) бўлсагина суяниш мумкин?

7. Агар идрок асоси Худо бўлмаса, ҳақиқатни оқилона тарзда далиллаш мумкинми? Тушунтиринг.

ТЎРТИНЧИ БОБ

НИМА ТЎҒРИЛИГИНИ КИМ БЕЛГИЛАЙДИ?

Марк ҳамкасби билан янги ресторанда тушлик қилишга қарор қилди. Катта йўлда кетаётганларида, “Шевроле” русумли машина (Jeep) кутилмаганда қаторини ўзгартириб, уларнинг йўлига суқулиб кирди ва олдиларидан жой олди. Марк дарҳол тормоз босиб, сигнал чалди ва:

– Эй! Аҳмоқ! – деб бақирди.

Бир-икки километр йўл босиб, ойнадан катта юк машинасини кўрди. Машина орқа бамперга жуда яқин, деярли бир метр масофада келаётганди.

– Овсар! – аччиқланди у бу гал, – йўл сеникими, ҳамма сенга йўл бериши керак-ми?

Ресторан олдида автомашиналар турар жойига яқин келиб, Марк кириш жойи яқинида бўш жой очилганини кўрди. Энди эгаллайман деб борган маҳал, “Форд-Эскорте” машинада бир қиз йўлини кесди. Машинани уриб олмай деб, Марк унга йўл берди, қиз эса дарров эндигина бўшаган жойни эгаллаб олди.

– Нима дейсан бунга?– дод солди Марк, – Кўриб турибдику, машинани шу ерга қўймоқчимиз.

Ҳайдовчиларнинг ўзини бундай тутиши одатий ҳолат. Ҳаммамиз бу каби ҳолатларни кузатганмиз. Орамизда кўпчилик эса ўзи мана шу тарзда аччиқланади.

Бу каби баландпарвоз гаплар барча одамларга тўғри ва нотўғри нарсаларни ажратиш ҳисси хос эканлигидан далолат беради. Ҳаммамиз бизга нисбатан адолат ва боадаблик билан муносабат қилишларини кутамиз. Биз атрофдагилар ўзини тўғри тутишни билиши, хулқ-атвори ҳам шунга яраша бўлишига ишонамиз. Кимдир бундай қоидаларни умуман тан олмайди, аммо ҳаммамизда уларни бузадиган ёки эътиборга олмайдиган пайтлар бўлиб туради. Шундай бўлсада, бизнинг феъл-атворимиз ич-ичимизда ахлоқ ҳақида тасаввуримиз борлигини кўрсатади. Одамлар агар йўлдаги нотўғри ҳаракатни ёмон деб ҳисобламаганларида бақиришмасди. Биз аллақандай бир меъёр бузиляпти деб ҳисоблаганимиз боис аччиқланамиз ва биз мазкур меъёрни ҳамма билишига ишонамиз. Аслида, маълум бир масала бўйича ҳатто эътироз билдириш учун ҳам, томонларда тўғри ва нотўғри стандартлар ҳақида бирдек тасаввур бўлиши ва ўзгани чиндан ҳам қоида бузилганлигига ишонтириш учун бундай стандартни иккала томон ҳам тан олиши лозим.

Умумий фикрга кўра, ахлоқ меъёрларининг мавжудлиги исботга эҳтиёж қолдирмайди. Биз уларни универсал ҳисоблаймиз ва уларга худди мутлақ нарсага (абсолютга) бўлгандек муносабат қиламиз. Ахлоқ ҳақида ушбу умумий тасаввур – аниқликни излашимизда яна бир босқич ҳисобланади.

Ахлоқнинг универсаллиги

Ахлоқ-одоб меъёрлари барчага – энг қолоқ халқдан бошлаб, энг илғоригача хос жиҳат ҳисобланади. Бунинг тасдиқ-далилини биз қадимги ёдгорликлардан ҳам, ҳозирги маданиятлардан ҳам топамиз. Жамиятлар яшаш вақти, географик жойлашуви, дин-эътиқоди, ривожланиш даражаси жиҳатидан бир-биридан қанчайин узоқ бўлишига қарамай, ахлоқ ҳақида тасаввурларининг жуда ўхшаш бўлганини кўриб, ажабланасан киши. Яҳудийларнинг Ўнта муқаддас Амри, бобилликларнинг Хаммурапи Кодекси, Хитой Даосизми ва масиҳийларнинг Янги Аҳди устунлик жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилсада, уларнинг асл моҳияти бир хил. Айрим маданиятларда одамга ёвузликни жазолаш тариқасида қотиллик қилишга рухсат берилади, бошқаларда эса бу фақат давлат идорасининг ҳуқуқи ҳисобланади. Айрим маданиятларда никоҳдан аввал жинсий алоқа қилиш эркинлиги мавжуд ёки эркак кишига биттадан ортиқ хотин олишга рухсат берилади, бошқаларда эса бунга рухсат берилмайди. Бироқ биронта жамият йўқки, унда ўзгани сабабсиз ўлдириш, исталган одам билан жинсий алоқа қилиш тақиқланмаган бўлса. Ҳамма ерда инсон ҳаётини ҳимоя қиладиган қонунлар, никоҳ ва оила муносабатларига доир қоидалар мавжуд. Ўғирлик ҳамма ерда қораланади, бошқа одамларнинг манфаатини кўзлаш ҳамма ерда бирдек рағбатлантирилади.

Айрим мамлакатларда ахлоқ меъёрлари қаттиққўллик билан сингдирилади, бошқаларида эса маълум бир масалаларга оид муносабат нисбатан бўшроқ эканини кўрасиз. Ахлоқ-одобга доир мажбуран сингдирилган чекловларга қаршилик қиладиган одамлар ҳамма ерда учрайди. Мана шундай одамлар кўпайиб, ҳокимиятга эга бўлса ёки қўллаб-қувватланишса, бунинг оқибатида Осиё минтақасида жойлашган айрим мамлакатларда қизалоқларнинг ўлдирилиши ёки гитлерчилар Германиясида барча ахлоқ меъёрларидан чиқиш каби кенг кўламли ғайриинсоний ҳолатлар юзага келиши мумкин. Одатда меъёрдан бундай четга чиқишлар узоққа чўзилмайди, негаки мамлакат ичида ёки ташқаридаги жамият қарши бош кўтаради ва уларни тўхтатади. Айрим халқлар битта ахлоқий меъёрга ҳаддан зиёд катта аҳамият бериб, бошқаларини деярли эътиборсиз қолдиради. Шундай бўлсада, умумий меъёрдан четга чиқиш ва уни бузиш ҳолатлари учраб туришига қарамай, ҳамма ерда одамларда маълум бир асосий меъёрлар мавжудлиги ҳақида тушунча бор. Бу худди ҳар хил оркестрлар битта партитурани ўз мусиқа асбобига мослаб чалаётганга ўхшайди.

Шунга ўхшаш, ҳамма учун умумий ахлоқ кодексининг мавжудлигини, сайёрамизда яшаган ҳар қандай меъёр одамга нима яхши, нима ёмон эканлиги ҳақида тушунчалар хослигини қандай таърифлаш мумкин? Нима учун бундай ҳис-кечинмалар мавжуд? Имонлилар бу саволларга нима деб жавоб беришни билишади: ахлоқ мезонлари инсон виждонига Худо томонидан сингдирилган ва Худонинг Ўзи мутлақ мезон ва ахлоқ-одобнинг пойдевори ҳисобланади. Шунинг ўзи ахлоқ кодексининг умумийлигини тушунтириб беради, уни аҳамиятли қилади.

Табиийки, Худога ишонмайдиган одамлар ахлоқ-одоб Худодан эканлигини рад этишади. Аммо Худосиз ахлоқ меъёрларини оқилона тасдиқлаб бўлмайди. Ахлоқ-одоб қоидаларини ўрганган машҳур тадқиқотчи Ричард Тейлор таъкидлаганидек: “Ҳозирги дунё қонун ўрнатувчи илоҳий Зотни қабул қилмасада, эзгулик ва ёвузлик ҳақида тушунчаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилади, бироқ Худони рад этиш билан бирга у ахлоқий меъёрлар аҳамиятининг асос-пойдеворини йўқ қилаётганини тушунмайди. Шу тариқа, ҳатто ўқимишли одамлар ҳам гоҳида уруш, аборт ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини “ахлоқ қоидаларига хилоф” эканлигини билдириб, бу билан жуда тўғри ва муҳим нарса айтдим, деб ўйлашади. Аммо ўқимишли одамларга ахлоқ меъёрлари тушунчасининг ўзини фақат дин-эътиқод доирасидагина тушунтириш мумкинлигини эслатишга ҳожат йўқ”6.

Худони ахлоқ манбаси ва асоси деб қабул қилмас эканмиз, биз буни реалликка мувофиқ тарзда тушунтиролмаймиз. Аммо унинг келиб чиқишига доир бошқа назариялар ҳам илгари сурилган. Биз уларни кўриб чиқамиз ва танқидга бардош беролмаслигини кўрамиз.

Ахлоқ яратилиши назарияси

Ушбу назарияга кўра, ахлоқ – бу инсон томонидан, ўз жонини сақлаш учун, синов ва хатолар йўли билан яратилган қоидалар тўплами. Бу меъёрлар мутлақ эмас. Улар осмондан берилмаган, аксинча, одамлар томонидан минглаб йиллар давомида, соғлом ақл ва омилкорликдан келиб чиққан, ўйлаб топилган. Уларнинг асосида қандайдир олий ҳақиқат эмас, шунчаки ўз жонини сақлаб қолиш мақсади ётади. Улар айтган ахлоқ меъёрлар бу шунчаки адоватли Коинотга қарши равишда, жамиятга ўзининг фойдали эканлигини исботлаган бошқарув тамойиллари холос. Жамиятнинг қарор топишига хизмат қилган феъл-атвор маъқулланган ва “тўғри” деб тан олинган. Жамиятга зарар келтирган ва уни заифлаштирган феъл-атвор тақиқланган ва “нотўғри” деб тан олинган. Ушбу назарияга кўра, жамият ҳукуматларни яратади, шу мақсаддаки, улар қайси модел жамиятнинг сақланишига яхшироқ хизмат қилишини белгилаб бориши лозим. Ҳукумат халқнинг хоҳиш-истагини кўрсатади, қонунларни қабул қилади, бу қонунлар давлат томонидан мажбурий равишда ахлоқий эътиқод ва хулқ-атворни ўрнатади.

Бироқ бу назариянинг ожиз томони бор. Одамлар улар учун нима тўғрилигини белгилаганларида, муқаррар равишда қандайдир бошланғич тахминдан келиб чиқишади. Улар ахлоқ инсон томонидан жамиятни сақлаб қолиш учун ўйлаб топилган дейишнинг ўзи билан жамият сақланиши лозимлигини тахмин қилишади.

Ахлоқ учун бошланғич асос бўлган бу ҳақиқат ўз тасдиқ-далилини топмаган тахминлигича қолади. Мутлақ нарсаларнинг мавжудлигини рад этиш мумкин, бироқ инсон қандайдир ахлоқий фикрни яратиши, мисол учун, жамиятни сақлаб қолиш лозимлигини айтиши биланоқ, ўз-ўзидан мутлақ ахлоқий асосга суянади. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди: ҳар қандай мулоҳаза қачонки мутлақ пойдеворга (абсолютга) асослансагина ҳаққоний бўлиши мумкин. Худога ишонмайдиган одамлар хусусан мутлақ асослар мавжудлигига кўз юмушлари мумкин, бироқ улар қандайдир ҳаракатни тўғри ёки нотўғри деб баҳолаши биланоқ, ўз мулоҳазаларида аллақандай бир мутлақ асосга суянган бўладилар.

Жамиятни ҳимоя қилиш лозимлиги ҳақида низом очиқ-ойдин кўринадиган, мана шундай фикрларнинг бири бўлиши мумкин. Бироқ мулоҳазалардан Худони олиб ташлашингиз билан, бу фикрни исботлашнинг ҳам, далиллашнинг ҳам иложи бўлмайди. Бундан ташқари, имонсиз одамнинг нуқтаи назаридан қаралганда, бу фикр умуман мантиқсиздир.

Инсон ҳаёти қисқа, – жамият ундан кейин сақланиб қоладими, йўқми, унинг учун бунинг нима аҳамияти бор? Келажакда уни ҳеч нарса кутмайди. Қимматли вақтини ва кучини бошқаларга сарф қилишидан нима фойда?

Бироқ Худога ишонмайдиган одамлар ҳам барибир буни қилишади. Улар буни бошқалар учун қилаётганлари, бу беғаразлик, тўғрилик ва олижаноблик эканлигини айтишлари мумкин. Бу борада улар чиндан ҳам самимий бўлишлари мумкин, негаки бу туйғулар юракдан чиқади. Аммо бу туйғуларни Худони рад этишга мувофиқ деб бўлмайди. Беғаразлик, фидойилик, олижаноблик, бошқалар ҳақида ғамхўрлик каби тушунчаларга пойдевор бўла оладиган мутлақ асос (абсолют) бўлмаса агар, булардан маъно йўқ. Улар келиб чиқадиган мутлақ асос (абсолют) бўлмаганида, имонсиз одам учун ўз ҳаётида иложи борича ўз манфаатинигина кўзлаб яшаш, жамиятга эса келажаги ҳақида ўзи қайғуришига йўл қўйиб бериш ўринли бўлар эди.

Нима маъно касб этишига қарамай ҳаммамиз, яъни имонлилар ҳам, Худога ишонмайдиган одамлар ҳам айрим нарсаларни қилиш кераклигига қатъий ишонамиз. Биз муҳтож одамларга ёрдам беришимиз, болаларни шафқатсизликдан ҳимоя қилишимиз, ҳалол бўлишимиз зарур. Биронта одам, шу жумладан Худога ишонмайдиган одамлар ҳам мана шу “зарурликдан” ҳоли эмас. Бу худди тортиш кучи мисоли, ҳаммамизга бирдек таъсир кўрсатади. Чуқурроқ қарайдиган бўлсак, булар остида бошланғич, мутлақ асос мавжудлигини кўрамиз: жамиятни сақлаш зарур. Худога ишонмайдиган одамлар учун бу ғоя ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги керак, аммо улар ҳам унинг таъсиридан чиқа олмайдилар, худдики бумеранг сингари у барибир яна ва яна қайтиб келаверади. Мазкур ғоя ҳар қандай меъёр одамнинг онгига мустаҳкам муҳрланган, аммо у ўйлаб топилмаган, уни инсон идроки билан далиллаб бўлмайди.

Худога ишонмайдиган одамлар қарама-қаршиликка учрайдилар. Улар жамият сақланиб қолиши лозимлигига оқилона далиллар келтира олмаслиги боис, икки ҳолатдан бирини танлаши лозим: ё бу ғояни мутлақ асос (абсолют) деб тан олиши, ё ҳамма ўзи учун курашадиган худосиз дунёда уни умуман бемаъни ғоя деб, тўлиқ рад этишлари керак. Агар уни мутлақ асос (абсолют) деб қабул қилишса, бу ҳолда улар чин маънода имонсиз ҳисобланмайди, негаки мазкур ғоя қачонки Худо олдида масъулиятимизни ҳис қилганимиздагина аҳамият касб этади. Агар Худони ахлоқ асоси деб тан олишмаса, бу ҳолда атрофдагилар олдида фарзини мутлақо хаёлий фикр деб ҳисоблашга мажбур бўлишади. Улар тўғри бўлгани учун эмас, балки бу билан ўзларини яхши ҳис қилганлари учун унга бўйсунишилари мумкин. Агар одамлар жамиятини сақлаш – Худо томонидан берилган мутлақ асос (абсолют) бўлса, бу ҳолда одамларнинг феъл-атворини бошқариш учун қонунлар қабул қилишимиздан маъно бор. Агар жамиятни сақлаш ғояси инсон онги маҳсули бўлса, бу ҳолда ўша қонунлар асоссиз, адолатсиз бўлади, негаки инсон ҳуқуқларини чегаралайди.

Агар трансцендент (тажриба орқали билиб бўлмайдиган) Худо бўлмас экан, бу демакки, ҳақиқий ҳуқуқ ҳам йўқ. Худо мавжуд бўлмаса агар, биз одамларни ўз роҳати, манфаатинигина ўйлаб яшаётганликда айблай олмаймиз, улардан жамият манфаатини ўз манфаатидан устун қўйишни талаб қилолмаймиз. Бизда бошқаларга яхшилик қилиш, уларни эътиборга олмай, фақат ўз ҳақингизда ғамхўрлик қилишдан афзал эканлигини кўрсатадиган мезон йўқ. Юқорида айтилган қаҳрамонимиз атомобиллар турар жойида бўш жойни эгаллаб олган қизга аччиқланиши ҳам беҳуда. Қиз шунчаки, ўша пайтда ўзи учун афзал бўлган ишни қилди, холос.

Худо мутлақ асос бўлмаган дунёда биз одамлардан жамият қабул қилишни истаган стандартлар бўйича ҳаёт кечиришни кутолмаймиз. Агар Худо мавжуд бўлмаса, ҳар қандай қоида шунчаки бир фикр, у ҳеч қандай кучга эга эмас. Агар одамларга ўлимдан кейинги ҳаётга умид берадиган Худо мавжуд бўлмаса, бу ҳолда сохта, насиҳатгўй одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида бизга сингдираётган ғояларига эътибор бермасдан, ўз ишимизни қилаверсак ҳам бўлади. Достоевский айтганидек “одамзод онгидан абадий ҳаётга бўлган ишончни йўқ қилинг ... шунда ҳеч нарсани ахлоқсизлик дея олмайсиз, ҳамма нарса мумкин бўлади”7.

Келинг, қуйидаги фикрга қўшиламиз: “ҳамма нарса мумкин бўлган” дунёда одамни ўзига тортадиган жиҳат бўлади. Ахир ҳар биримиз қоидаларни соқит қилиш, қонун талабларига бепарво қараш истагини жиловлаб келамиз. Бироқ бу билан ҳеч нарсага эришолмаслигимиз тайин. Қоидалар ва ҳокимият бўлмаса агар, ҳаёт мусибатга айланади, негаки қонун чегараларини йўқ қилиш билан бирга биз унинг ҳимоясини ҳам йўқ қиламиз. Қонун бўлмаса агар, адолат ҳам, бехатарлик ҳам бўлмайди, чунки жамият фуқаролар ҳаётини ва мулкини ҳимоя қилолмай қолади. Одамлар ўртасида барқарор муносабатлар тузишнинг имкони бўлмайди. Оилалар бузилади. Қотиллик, зўравонлик, ўғирликлар кўпаяди. Ҳокимиятсизлик ҳукм суради ва ҳаёт тамомила тартибсизликда ва бешафқатликда ўтади. Илоҳиётшунос (теолог) ва файласуф Уильям Лейн Крейг шундай бир мисолни келтиради: “Освенцим лагерининг собиқ маҳбуси бўлган бир раввин (яҳудий руҳоний) лагерда Ўнта амр тескари талқин қилинганлиги ҳақида ёзганди: ўлдир, ёлғон гапир, ўғирлик қил. Одамзод ҳеч қачон бундай дўзахни кўрмаган. Агар натуралистлар ҳақ бўлишса, биз яшаётган дунё қайсидир маънода – Освенцим. Ёвузлик ва эзгулик йўқ, тўғри ва нотўғри ҳам йўқ. Объектив ахлоқий қадриятлар ҳам мавжуд эмас”.

Худонинг мавжудлиги ҳақида масала кундалик ҳаётимиз учун амалий аҳамиятга эга бўлмаган назарий абстракция эмас. Жамият Худога ишончни йўқотгач, ўз асосини ҳам йўқотади ва индивидуализм гирдобига тушади, бу ерда ҳамма фақат ўз манфаатини кўзлайди ва ҳар бир одам потенциал ўлжага айланади.

Ижтимоий шартнома назарияси

Худога ишонмайдиган одамлардан кимдир шундай дейиши мумкин: “Тўғри, қонунларнинг бўлмаслиги жамиятни ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонунлар бошқа одамларнинг феъл-атворини бошқариш учун керак, шунда биз ўз ишимиз билан шуғуллана оламиз. Бироқ мазкур қонунларнинг Худо нуфузига ёки ташқи бир мутлақ нарсага асосланишига ҳожат йўқ. Қонун жамиятда одамлар ўртасида ижтимоий шартнома сифатида жуда яхши қўлланилади. Биз етарли даражада кўп эркинликка эга бўлиш учун эркинликдан қисман воз кечамиз. Биз ахлоқни нима тўғри ва нима нотўғри эканини белгилаб берувчи, қандайдир олий, мутлақ мезонга эмас, балки жамиятдаги келишувга кўра белгилаймиз. Ахлоқий низом аксарият одамнинг хоҳиш-иродасига кўра қабул қилинади”.

Ижтимоий шартнома назариясида иккита азалий хато мавжуд. Биринчидан, агар ахлоқ меъёрлари шунчаки аксарият одам томонидан тасдиқланса, нима учун камчиликни ташкил қилганлар унга бўйсуниши керак? Нима учун камчиликни ташкил қилганлар ўз хоҳишларидан воз кечиб, аксарият истаган нарсани қилиши ва ижтимоий шартномани қабул қилиши кераклигига оқилона далил тополмаймиз. Умумий фикр менинг шахсий истакларимга қандай қарайди?

Мен камчилик қаторида бўла туриб ўзимга зарар етгунига қадар аксариятнинг хоҳиш-иродасига қулоқ солишим мумкин. Мен умумий тарзда аксариятнинг фикрига қўшилишим, унинг фойдали томонларини тан олишим мумкин. Мен ҳатто жамиятда барқарорликни сақлаш йўлида ўз хоҳишларимдан ҳам воз кечишим мумкин, чунки охир-оқибат бундан ўзим фойда топишимни тушунаман. Бироқ мен ўзим учун фойда бўлгунга, давлат мени бунга мажбур қилгунга қадар қонунга бўйсунаман.

Қонунда мутлақ ахлоқий нуфузни кўрмаган одамлар унга итоат қилишни жиддий нарса деб билишмайди. Улар қачонки қонун уларга ўз мақсадларига етишишда ёрдам берса, ёки қонун бузилганда қўлга тушиш эҳтимоли ҳаддан зиёд катта бўлгандагина унга бўйсунадилар. Агар Худо мавжуд бўлмаса, қонунга нисбатан бундай бефарқлик асосли, бироқ жуда хавфлидир. Худони ҳақ-ҳуқуқларнинг мутлақ асоси сифатида қабул қилишдан бош тортиш муқаррар равишда жамиятнинг ич-ичидан парчаланишига олиб келади. Мана шундай парчаланишнинг аломатларини биз айни кунларда АҚШда кўришимиз мумкин, бу ерда Худонинг мавжудлиги ҳақида фикр-ғоялар қатъий тарзда жамият ҳаётидан чиқариб ташланмоқда.

Халққа асос солган аждодлар жамият ижтимоий шартнома асосида яшамаслиги кераклигини тушунишган. Метрополиядан ажралишни ва “[халқи] табиат қонунлари ва Яратганнинг хоҳиш-иродасига кўра, дунё мамлакатлари орасида алоҳида, тенг ўрин эгаллайдиган, мустақил давлат пайдо бўлганини эълон қилган Мустақиллик Декларациясида”8 қонуннинг мутлақ асоси сифатида бир овоздан Худо тан олинган. Эндиликда эса, У мутлақ асос (абсолют) сифатида қабул қилинмай қўйгач, биз конституция нуфузи тушиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Маҳкамалар истак-муддаоларига эришишга халақит бераётган қонунларни йўқ қилмоққа интилган одамларнинг измидан чиқолмай қолди. Худога садоқати йўқлиги боис, одамлар шахсий эркинлигини иложи борича ошириш мақсадида, қонунни ҳар тарафдан бузиб келмоқда. Қонун бундай интилишларни чеклашга қодир бўлмай қоляпти, шахснинг эса жамиятга садоқати тобора йўқолиб бормоқда. У бутун диққат-эътиборни ўзига қаратган – ўзининг ҳақ-ҳуқуқларига, истак-муддаоларига ва роҳатига. Ахлоққа доир мутлақ меъёрлар таъсиридан озод бўлган одамлар бошқалар учун бирор нарсадан кечиш ғайратини йўқотмоқда.

Ушбу назариянинг иккинчи хатоси қуйидагидан иборат. Индивидуализм ғояларини ўзига сингдирган жамият, Фридрих Ницше “ҳокимиятга интилиш” деб атаган, истаги золимона ҳукмронлик олдида ожиз бўлиб қолади. Асос-пойдеворга эга бўлмаган, парчаланаётган жамият яхшиликни ёмонликдан ажрата олмайдиган ҳукмдорлар ихтиёрига топширилади, ҳукмдорлар ўз навбатида жамиятга ўз хоҳиш-иродасини сингдиради. Натижада “кучлилар ҳуқуқи” тушунчаси келиб чиқади, яъни ҳокимиятга эга бўлганларнинг фикр-қароригина тўғри ҳисобланади.

Одамларнинг анъанавий ахлоқни рад этиши ва ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳокимиятни ишга солиши даҳшатли оқибатларга олиб келади. Бунга ибрат сифатида Гитлернинг Германияда ҳукмронлигини кўрсатишимиз мумкин (1933–1945 йиллар). Гитлер немис халқини тозалаш орқали, унинг олий ирқ сифатида дунёга ҳукмрон бўлишини орзу қилган. У мазкур ғояга ёпишиб олиб, мақсадига эришишга халақит берган ҳар қандай тамойилни писанд қилмай, ўзининг қоидаларини ўрнатди. Дунёни назарида норасо кўринган халқлардан озод қилиш учун у ҳеч иккиланмай, ўз қурбонларининг шахсий мулкини, эркинлигини тортиб олган, обрўсини тўккан, ҳаётига зомин бўлган.

Америка ҳам шунга ўхшаш ҳолатга келган, бу ерда ҳақиқий, олий ахлоқ тушунчаси бузулиб боряпти. Шахс эркинлигини таъминлаш йўлида ҳукумат ҳали туғулиб улгурмаган чақалоқларни, улар ота-онасига ҳаётда ноқулайлик туғдириши мумкинлиги боис, ўлдиришни қонунлаштириб қўйди. Бундай қонун анъанавий ахлоқни қўпол равишда бузади. Бу ҳокимият эгаларининг қаршилик кўрсата олмайдиганларга зулм ўтказиб келганига бир мисол. Ахлоқий меъёрларни ўз инжиқликлари асосида белгилайдиган жамиятда ожизлар кучлиларнинг ўлжасига айланади. Аммо бундай қонунлардан бугун ўз манфаати йўлида фойдаланганлар, эртага, ҳукумат ўз манфаатини уларнинг манфаатидан устун қўйган пайтда, бунинг азобини чекиши муқаррардир.

Жамият ахлоқ меъёрларини ўзи ўрнатишга ҳаракат қилса агар, ўз-ўзини сақлаб қололмайди. Нима тўғри эканлигини ўзимиз ҳал қилишда биз фақат вақтинча истакларимизга асосланамиз холос. Қарорларимиз натижаларини кўриш учун бизга донолик етишмайди. Нима яхши, нима ёмонлигини ўзимиз белгилаганимизда, биз худди бошпана излаб, заҳар солинган тузоққа ўзини урган суваракка ўхшаймиз.

Универсал, ахлоқий, ҳамма учун умумий низом инжиқликларимиз билан ҳисоблашмайди. Биз машина, пул хоҳлашимиз ёки яқинимизнинг хотинига кўз олайтиришимиз мумкин, бироқ ушбу ахлоқий низом бунга рухсат бермайди. Назаримизда, ўзимиз ҳақимизда ёлғон қўшиб гапирсак, бошқаларда биз тўғримизда ижобий фикр туғиладигандек кўриниши мумкин, бироқ анъанавий ахлоқ бизга буни қилиш мумкин эмаслигини уқтиради. Ушбу ахлоқий низом бизнинг вақтинчалик истакларимизни эмас, узоқ давом этадиган фойдамизни кўзлайди. Бу даражада узоқни ўйлаб иш тутиш, инсон идрокига хос эмас. Буни фақат ҳақиқий ахлоқ қила олади, у Худодан келади. Худо одамни яратган ва унинг юрагини билади.

Сезгирлик (инстинкт) назарияси

Бошқа нуқтаи назарга кўра, ахлоқий низомни жамият ўйлаб топмаган, у сезгирлик (инстинктив) ҳодисаси. Яъни одамлар табиатдан нима тўғри, нима нотўғрилиги ҳақида аниқ тасаввурлар билан туғилади. Эволюция (тадрижий ривожланиш) жараёни барча ортиқча нарсаларни чиқариб ташлаган ва инсон онгини (виждонини) бўлғуси авлодларни сақлаш учун хизмат қиладиган ахлоқий сезгирликка дастурлаб қўйган. Ахлоқий меъёрларга хос ниятга эгамизми, бу демакки, бизни бунга ўз жонимизни сақлашимизга хизмат қиладиган табиатимиз ундамоқда. Ўзимизни тўғри тутиш билан биз шунчаки табиатимизга қулоқ соламиз холос. Бироқ, таъкидлаш жоиз, бу назария ҳам камчиликдан ҳоли эмас. Табиат белгиларининг қайсиларини афзал кўриш лозим? Ахир, ниятларимиз бир-бирига зид келган пайтлар бўлади. Вақти-вақти билан инжиқликларимизга ён босгимиз, ўз хоҳишларимизга берилгимиз келади. Гоҳида машинаси бузилиб қолган одамга ёрдам бергимиз, тунги соат иккида болани тинчлантиргимиз, касал бўлиб қолган дўстимизга қараб, тўшаги олдида ўтиргимиз келади, гоҳида эса, ҳатто яқинимиз учун ўз жонимизни беришга ҳам тайёр бўламиз.

Бир-бирини инкор этувчи ниятлар бир вақтда пайдо бўладиган ҳолатлар бўлиб туради ва биздан бу ерда улардан бирини танлаш талаб этилади, – худдики бир елкамизда фаришта, бошқасида шайтон ўтиргандек. Фаришта: “Машинадан туш, унга ёрдам бер. Тўғри иш қиласан. Ахир ўзинг ҳам, кимдир сенга шундай пайтда ёрдам беришини хоҳламасмидинг?!” – дейди. Бошқа елкамизда ўтирган шайтон эса: “Тўхтасанг, учрашувга кечикасан. Усти бошинг кир бўлади. Сени талон-тарож қилишса-чи? Бундан ташқари, агар сен шу ҳолатда бўлганингда, у сенга ёрдам бермасди” – деб, сизни ишонтиради.

Одатда ҳаммаси бундан анча мураккаб ва жиддийроқ бўлади. Бизга ҳар куни кўп маротаба бир-бирига зид истаклар орасида танлов қилишга тўғри келади: боланинг ўжарлиги, эркалигини кўтариб, сабр-тоқат қилиш ёки ғубордан чиқиб уни жазолаш, хотинга уй юмушларида ёрдам бериш ёки телевизор кўргани кетиш, қўл остидаги хизматчининг вазифани ўз вақтида бажармаганига эътибор бермаслик ёки уни койиш, довул яқинлашаётган пайтда ертўлага яширингани шошилиш ёки қўшни уйда ёлғиз қолган боланинг олдига югуриш.

Аксарият одамларнинг иккала ҳолатда қайси бири тўғри бўлиши борасида фикри бир хил бўлади. Ҳаммамиз ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйганларнинг ҳатти-ҳаракатидан руҳланамиз, ҳар доим фақат ўзини устун қўядиганлар эса ҳурматини йўқотишади. Иккала ниятни ҳам бизга табиат берган бўлса агар, нима учун бирини маъқуллаб, иккинчисини қоралашимиз керак? Буни қайси мезон асосида қиламиз? Бу қандайдир табиий мезон эмас, негаки табиатда зиддият бўлмайди. Бу иккала муқобилдан ҳам устун турадиган, табиатдан эмас, ташқаридан берилган мезон бўлиши керак.

Қўшни болакайни довулдан қутқаришни мисол қилиб оладиган бўлсак, бу ниятни инсон табиатига боғлаш мумкинми? Бу ерда табиий хоҳиш аввало ўз жонини сақлаш бўлади, – биз одамнинг ўз жонини сақлашини асосий сезгирлик (инстинкт) деб тан оламиз. Бироқ одамнинг ҳеч қандай фойда олиб келмайдиган нарса учун, шундоқ ҳам узоқ бўлмаган ҳаётини хавф остига солишидан нима фойда?

Албатта, Худога ишонмайдиган одамлар инсонга ўзини қурбон қилиш истаги табиатдан берилиши ҳақида ғояларини қайтадан кўриб чиқишлари лозим. Ўзини қурбон қилиш, ўз жонини сақлашга мутлақо зид келади, аммо имонлилар назарида қандай бўлса, Худога ишонмайдиган одамларнинг назарида ҳам худди шундай олий фазилат ҳисобланади.

Ахлоқни табиий хислат, деб ўргатган назарияда бир-бирига тўғри келмайдиган муҳим жиҳатлар бор. Агар тўғри нарсалар ҳақида фикр-тасаввуримиз табиатдан бўлса, бу ҳолда нима учун у биздаги табиий интилишларга тўғри келмайди? Нима учун кўпинча ахлоқ қоидалар бизни уларга зид иш тутишга ундайди? Оқимга қараб иш қилиш, истаганимизни қилиш, нима бўлишидан қатъий назар ўзимизни ҳимоя қилишимиз, бошқаларни деб, ўзимиз учун қадрли бўлган нарсани хавф остига солмаслик биз – инсонларга хос нарса. Бироқ бунга параллел равишда бизда бошқа ният ҳам туғилади, у бизга тушунарсиз бўлган виждондан – ўша, ўнг елкамизда ўтирган ва ҳамма нарсани бузувчи фариштадан келиб чиқади! У биздан маълум бир ҳаракатни талаб қилади, манфаатимизни кўзлаб эмас (аксинча, биз бундан зарар кўрамиз), бу иш тўғри бўлгани боис. Бизга қолса, дўконда сотувчи адашиб берган ортиқча пулни ўзимизга қолдирсак яхши, бироқ ичимиздаги ўша овоз (овоз бўлмай қолгир!) пулни эгасига қайтаришни қистайди. Назорат ишини ёзишда ёнимизда ўтирган ўқувчининг дафтаридан кўчиргимиз келади, (дафтаридаги ёзувлар шундоқ кўриниб туради!) аммо ўша овоз ўз дафтарингдан бошқасига қарамасликка чақириб, безор қилади. Ахлоқ табиийликка хос эмас, ахлоқ билан биздаги табиий интилишлар бир-бирига мутлақо зид келади. У аниқки табиатдан келиб чиқмаган.

Ахлоқнинг ҳақиқий маъноси

Худога ишонмайдиган одамлар томонидан билдириладиган ҳар қандай назария ахлоқ тамойиллари билан инсон табиати бир-бирига тўғри келмаслигини тушунтиришга ожизлик қилади. Ахлоқ ва ижтимоий шартнома яратилишига оид назариялар ноқисдирлар, негаки агар қоидаларни одамлар ишлаб чиқарганларида, улар бизнинг табиий интилишларимизга анча мувофиқ бўлар эди. Одам янги тил яратганда, ўзи бемалол ишлата оладиган товуш ва сўзлардан фойдаланади. Бироқ ахлоқ гўё самовий тил мисолидек. У инсон учун табиий бўлган нарсаларни эмас, аксинча, ноқулай бўлган, табиатимизга бегона ҳаракатларни талаб қилади.

Сезгирлик (инстинкт) назарияси ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Агар ахлоқ қоидалари сезгирлик (инстинкт) орқали белгиланиб, эволюция (тадрижий ривожланиш) жараёни давомида шаклланганида, уларга амал қилиш биз учун худди балиқнинг увилдириқ ташлаш учун оқимга қарши сузиши, ғозларнинг қиш палласида жанубга учиб кетишидек табиий нарса бўлар эди. Биз ҳеч иккиланмай, тўғри иш тутар эдик. Аммо назаримизда тўғри кўрингандек иш тутиш биз учун табиий эмас, осон ҳам эмас. Биз доимий кураш ҳолатида яшаймиз – бир-бирига зид, бири бошқасига қарши фикрлар, майлликларнинг тўқнашуви онгимизни эгаллаб келади. Ахлоқ онгимизда шивирлаб, кўнгилга урадиган куйдек бизни безор қилади ва биз уни ўзимиздан соқит қилолмаймиз.

Ким ўйлаб топди бу куйни? Агар унинг манбаси биз бўлмасак, табиат ҳам бўлмаса, у қаердан пайдо бўлди? Ричард Тейлор жавоб вариантлари кўп эмаслигини шундай ифода этади: “Ахлоқ масаласи борасида китоблар ёзган ва нима яхши, нима ёмонлиги ҳамда дин-эътиқоддан ҳоли ахлоқий фарз ҳақида тетиклик билан, узоқ гапирадиган ҳозирги муаллифлар аслида ҳаводан тафаккурли тармоқ тўқишади, шундай бўлсада, уларнинг мулоҳазаларида маъно йўқ”.9 Доктор Тейлор ҳақ. Вариантлар кўп эмас, бор йўғи иккита: ахлоқ ё Худодан келади, ё у тушунтириб бўлмайдиган, бемаъни сохта тасаввур.

Ахлоқнинг мутлақ, бошланғич асоси – Худо ва У бизга ахлоқий тамойиллар тизимини берган, мазкур тамойиллар бизни табиатимизга хос бўлган ҳалокатли интилишлардан ушлаб туриши ҳақида концепция қабул қилинса тўғри бўлар эди. Нима учун Худо бизга чекловлар қўйди, ахир улар шахсий истакларимиз рўёбга чиқишига жуда халақит берадику? Чунки ахлоқий меъёрлар одамлар ўртасида муносабатларга йўл очади. Чунки ахлоқий, мутлақ нарсалар (абсолютлар) яқинимизни яхши кўришда, Худо билан муносабатларимизда биз учун йўл кўрсатувчи (ориентир) вазифасини ўтайди. Ахлоқ ҳақиқий севгининг асосидир.

Нима учун ўтиб кетиш эмас, балки тўхташ ва муҳтожга ёрдам бериш – тўғри ҳисобланади? Бу Худо берган ахлоқий низомга кўра тўғри, бу низом Худонинг хусусиятларини акс эттиради. Унга хос хусусият севгидир, ёрдам эса севгининг ёрқин ифодаси. Ёрдам жамият учун фойдали. Бу ерда қадимги, аммо абадий қоладиган Олтин қоида асос ва мезон ҳисобланади: “Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар” [Матто 7:12].

Нима учун турмуш ўртоғингизга, ота-онага, болаларингиз ёки бошлиғингизга ёлғон гапирганингизда виждонингиз қийналади? Чунки ёлғон ва ғирромлик одамлар ўртасидаги муносабатлар учун зарарлидир, тўғрилик эса аксинча, одамларни бир-бирига яқинлаштиради. Рост гапирганингизда, ўзингизни яхши ҳис қиласиз, ёлғон ишлатганингизда эса кўнглингиз ҳижолат бўлади. Нима учун? Чунки ҳақиқат ахлоқий меъёрларнинг бошланғич асоси бўлмиш Худонинг характерини акс эттиради. Ҳаққонийлик бизни ҳимоя қиладиган севгининг ифодасидир. Қолган барча ахлоқий тамойиллар ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин.

Автомобилдан фойдаланиш бўйича кўрсатмада унинг қандай ишлаши, ундаги бузуқликларни қандай топиш ва бартараф этиш ҳақида маълумотлар берилади. Кўрсатмадан мақсад, автомашинанинг самарали ва хавфсиз ишлашини, сизнинг манзилдан манзилга бехатар етиб боришингизни таъминлаб беришдир. Ахлоқий низом ҳам худди шу мақсадда хизмат қилади. У одамни тўғри йўл тутмоққа бошлайди, бошқалар билан тўқнашишдан сақлайди. Ахлоқ қоидаларининг асл маъносини тушуниб олсак, ғазабни енгиш бизга қийин бўлмай қолади. Худо бизнинг ёлғиз эмас, бир-биримиз билан яқин муносабатда яшашимизни ва бу муносабатлар бизга қаноат ва қувонч олиб келишини истайди. Одамлар ўртасидаги муносабатларда ахлоқий тамойиллар тизими шахслар ўртасида муносабатлар асоси сифатида Худонинг феълидан келиб чиқади.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Турли даврларда яшаган, турли халқларнинг ахлоқий меъёрлари ўхшашлигини қандай изоҳлаш мумкин?

2. Ахлоқий низом жамиятни сақлаш учун инсон томонидан яратилгани ҳақида назариянинг нуқсонлиги нимада?

3. Нима учун ахлоқий меъёрлар аксариятнинг хоҳиш-иродасини акс эттирадиган ижтимоий шартнома натижаси бўла олмайди?

4. Нима учун ахлоқий меъёрлар сезгирликка (инстинктга) асосланган ёки табиий бўла олмайди?

5. Нима учун Худога ишонмайдиган одамларнинг қандай бўлмасин ахлоқий низомга эътиқод қилиши мантиқсиз ҳисобланади?

6. Фёдор Достоевскийнинг: “Одамзод онгидан абадий ҳаётга ишончни йўқ қилинг... шунда ҳеч нарсани ахлоқсизлик дея олмайсиз, ҳамма нарса мумкин бўлади”, деган сўзларига изоҳ беринг.

7. Шахсан сиз учун ва сизнинг бошқалар билан муносабатингиз учун ахлоқий меъёрларнинг аҳамияти нимада?

БЕШИНЧИ БОБ

МАЪНО НИМАДА?

Мен ресторанда жуда ўқимишли, илгари агностик (Худо томонидан дунёнинг яратилиш ҳақидаги таълимотни инкор этувчи) бўлган, яқинда эса Масиҳни қабул қилган одам билан ўтиргандим. Ўзим Худога қандай келганимни эслаб, ўзимча унинг ҳам Худо яратган мавжудотларнинг гўзаллиги, осмонда абадий ҳаёт ҳақида ваъдалар ёки Охират куни бўладиган ҳукм олдидаги қўрқув Худога юз буришига сабаб бўлган деб ўйладим. Бироқ у Худога келишига мутлақо бошқа нарса сабаб бўлганини айтди.

– Худо оламни англаш учун берадиган маъно ва негиз мени Худога олиб борди – тушунтирди у, – Бутун умрим давомида уларни топишга ҳаракат қилдим. Мен Худога имоним боис эгаллаган барча устунликларимдан хурсандман. Бироқ Худога ишонишимга осмонда ёки дўзахда кечадиган ҳаёт ҳақида ўйлашим сабаб бўлмаган. Мен, Коинотда Худосиз маъно йўқлигини кўриб, Унга имон келтирдим. Фақат Ундагина мен барча саволларимга жавоб топдим.

Танишим ҳақ эди. Аниқликни излаш – бу бир вақтнинг ўзида инсон ҳаёти ва Коинотнинг мавжудлигининг маъносини излаш ҳамдир. Худога ишонмайдиган одамлар – атеист, агностиклар, натуралистлар ва бошқалар объектив оламдан Худони чиқариб ташлаганларида, ҳамма нарса маъносиз бўлиб қолади. Худосиз биз тугаб бораётган, мақсадсиз Коинотда ёлғизмиз, ҳимоясизмиз. Имонсиз одам тадрижий ривожланишда вақтинчалик таскин топиши мумкин. Эволюция (тадрижий ривожланиш) назарияси одамлар аста-секин яхшилана бораётгани, вақти келиб ўз табиатидаги камчиликларни бартараф этиши ва ҳатто ўлимни ҳам енга олиши ҳақидаги сохта тасаввурларни беради. Аммо даҳшатли ҳақиқат шундан иборатки, Коинот ўз охирати сари яқинлашиб бормоқда ва буни тўхтатиб бўлмайди. Натуралистларнинг нуқтаи назаридан Коинот термодинамик мувозанат ҳолатига етганда, у билан бирга барча ёритгичлар нур таратишдан тўхтайди ва совийди. Имонсиз одам учун, унинг бу сайёрада нима мақсадда яшаётгани ҳақида савол ҳеч қандай маъно касб этмайди, чунки чексиз, қоронғи фазода бу саволга жавоб берадиган ҳеч кимса йўқ, ҳатто эшитадиган ҳам йўқ. Худо – олий, мутлақ асос (абсолют) бўлмаса агар мазкур савол маъносиз бўлади, нафақат маъносиз, балки бундай савол беришнинг ўзи ҳам ўринсиз бўлиб қолади.

Маъносиз олам

Худо бўлмаса агар, инсон ҳаётида на мақсад, на умид бўлади. Агар биз Яратувчи Худонинг ижоди бўлмасак, бу ҳолда шунчаки тасодифан пайдо бўлган, ташқи таъсирга жавобан беихтиёр реакция кўрсатадиган механизмлар бўлиб қоламиз ва ушбу механизмлар бизнинг ҳаракатларимизни белгилаб беради. Худо бўлмаса агар эркинлик, масъулият, эзгулик, қаҳрамонлик, адолат, муҳаббат каби тушунчалар ҳам мазмун-моҳиятини йўқотади. Нафрат, шаҳват, хоинлик, ёлғон, қўрқоқлик ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Агар биз шунчаки тасодифий пайдо бўлган, дастурлаштирилган машиналар бўлсак, бу ҳолда қотил маълум шарт-шароитлар ва таъсир қилувчи омиллар туфайли қилмишини қилади холос. Жамият машинани қилмиши учун қандай қоралай олади, қандай жазолай олади? Худо бўлмаса агар, одамлар ҳам, идеаллар ҳам, ҳатти-ҳаракатлар ҳам маъносиз бўлиб қолади.

Натурализм тарафдори учун одамзод билан қолган мавжудотлар ўртасида чегара йўқ. Тасодиф туфайли пайдо бўлган Коинотда биз шунчаки атомлар бирикмасимиз холос. Ва бу бирикманинг бошқа бирикмалар, мисол учун тошлар, устунлар ёки ёввойи ўтлардан ҳеч қандай устунлик жиҳати йўқ. Ушбу нуқтаи назарга кўра, биз қандай пайдо бўлган бўлсак, шундай ғойиб бўладиган, маъносиз Коинотда сузувчи, маъносиз жинслар бирикмасимиз холос.

Худосиз Коинот бизга умидсизликдан бошқа ҳеч нарса беролмайди. Агар инсонга мартаба ва маъно берадиган олий куч бўлмаса агар, мавжудликни тушуниш ғояси шунчаки сохта тасаввур бўлиб қолади. Агар биз мақсадсиз, тасодиф туфайли пайдо бўлган бўлсак, агар бизни олдинда бўшлиқ, фано кутса, бу ҳолда нима учун ҳар куни тонгда турамиз? Соатлаб, кунлаб, йиллаб вақтимизни нимага сарфлашимизда нима фарқ бор? Фикр-қарорларимиз айни пайтда, назаримизда жуда муҳим кўринган тақдирда ҳам, агар қилган ҳамма ишларимиз мақсадсиз бўлса, Коинот “иссиқликдан ҳалок бўлганда” фанога кетадиган бўлса, ҳақиқатда улар қандай аҳамиятга эга?

Рик Гор “National Geographic” журналида нашр этилган мақолаларининг бирида шундай ёзади: “Фанога кетадиган Коинотнинг маъноси нима? Коинот ҳақида қанча кўп ўйлаганим сари, бу савол мени шунча кўп хавотирга солади. Мен бунга жавоб тополмаяпман”.10

Жаноб Гор нотиқлик ниқоби остида умидсизликни яширмоқда, уни кечирамиз. Агар унинг Коинот ҳақида тушунчаси тўғри бўлса, бу ҳолда ҳамма нарса чиндан ҳам фанога кетади. Биронта имонсиз одам йўқки, мана шундай чорасизликни ҳис қилмаган бўлса. Коинот тарихи улар учун жонланган, онгли, идрокли, орзу-ҳавасли бўлиб қолган ва муқаррар якуни, тамомила ҳалок бўлиш сари яқинлашаётган материя ҳақида улкан фожиа тарихидир. Кулгили томони шуки, натуралистлар Худодан, қийнайдиган ғоядан озод бўлишни истаб, мавжудликни табиат билан чегаралаб, ўзларини боғлаб қўйишди, – уларнинг тасаввуридаги Коинотда на умид бор, на истиқбол.

Табиатдан ҳам устун, ғайритабиий соҳа бўлса агар, биз ҳаётимизга мақсад берадиган трансцендент (тажриба орқали билиб бўлмайдиган) моҳият билан боғлиқмиз. Биз табиат доирасидан ташқарига, чексизликка чиқиш имконига эгамиз. Худони олиб ташлаган натуралистлар ҳаётимиз доирасини қисқартириб, қабрга тенг қилиб қўйишди. Ёзувчи Жон Апдайк очиқдан-очиқ шундай деган: “Агар ушбу моддий дунё жамики бор нарса билан чегараланса, демак, биз дўзахга тушибмиз ва Паскаль айтган сўзларга кўра, занжирбанд этилган маҳбуслар сингари бошқа маҳбусларнинг қатл этилаётганини кўриб яшашга мажбурмиз, – қисматимиз шу”.

Худосиз ҳаётнинг маъносини тушунтиришга интилган кўпдан-кўп фалсафаларни ўрганишга куч сарфламанг. Худодан ташқари маъно йўқ. Ёки Худо оламнинг мутлақ, бошланғич асоси, ёки Коинотда маъно йўқ. Ёки Худо – ахлоқий меъёрларни қонун қилиб чиқарган Зот, ёки ахлоқ – сохта тасаввурдан бошқаси эмас. Ёки Худо – идрок манбаси, ёки ҳамма нарса мантиқсиз. Бу худди тез оқим бизни тортиб кетаётган ва биз ё қирғоққа илинишни, ё шаршарага ғарқ бўлишдан бирини танлашимиз керак бўлгандек ҳолатга ўхшайди. Бу ерда бир йўл – мустаҳкам қирғоқ тошларига тирмашиш, бошқаси эса – бўшлиққа ғарқ бўлиш. Ё Худо, ёки ҳеч нарса. Бошқа вариант йўқ.

Ишонмасликнинг бемантиқлиги

Одам Худога ишонишдан кўра ишонмасликни устун қўйганда, бу билан реал ҳолатга тўғри келмайдиган, жуда бемантиқ нуқтаи назарни танлайди. Дунё бизнинг воқеликка доир тахминларимизга йўл қўя олмайди, у ҳаддан зиёд тартибли ва оқилонадир. Худога ишонмаган одам дамба-дам ўзи реаллигини инкор этган нарсаларга йўлиқади.

Булардан бири ўзини ўзи англаш бўлиб, у ёлғиз эмас, балки доимий йўлдоши – виждон билан бирга бўлади. Одамлар шунчаки механизм ўрнида кўрилган дунёда виждонни назорат қилишга ҳам, унга тушунтириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Худога ишонмайдиган одам ўзини ўзи англашнинг реаллигини рад этиши мумкин, бироқ унинг тушунтириб бўлмайдиган фазилатини, – инсон онгида яшашини ҳис этмай иложи йўқ. У виждоннинг реаллигини инкор этиши мумкин, лекин шубҳасиз виждон азобини ҳис этади.

Клайв Льюиснинг “Энг жирканчли куч” номли романида профессор Фрост – Худога ишонмайдиган олим-жамиятшунос, ўз тасаввуридан фарқли тарзда, шунчаки механик табиатдан устун бўлган нарса борлигини тушунади. Ўзи буни истамасада, ичидан келган овоз унинг қарорлари ва ҳаракатлари ҳақида фикр билдиради. Булар Фростга ёқмайди, негаки у бу овозни сохта тасаввур, онгидаги проекция деб ҳисоблашда давом этади. Кутилмаганда, ўладиган вақти келиб, у ҳақиқий даҳшатни бошдан кечиради ва ўша пайтда виждони реал эканини тушунади.

Виждон деб аталмиш бир нарса борки, чақирмасангиз ҳам борлигини билдириб туради, шивирлаб безор қилади, юрагимиздаги ниятларни дамба-дам тўғри, ё нотўғрилигини кўрсатади. Натурализм нуқтаи назаридан тушунтириб бўлмас ҳодисадир бу. Худога ишонмайдиган одамлар унинг мавжудлиги рад этишлари мумкин, бироқ улар ёлғон гапирганларида ёки ўғирлик қилганларида, худди Худога ишонмайдиган одамлар сингари, айбдорлик ҳиссини бошдан ўтказадилар. Ғазаб келганда яқинини хафа қилганларидан кейин ўзларини койиб, аччиқланишади. Айбдорлигини кўтаролмай, ҳар доим қилмишини оқлашга, ортидан яхшилик қилишга интиладилар. Энг ачинарлиси шуки, Худони билишни мутлақо истамаган жиноятчилар, қилмишларига далиллар келтиришади. Уларнинг болалиги оғир бўлган, жамият уларга нисбатан адолатсиз иш тутган ва эндиликда улар жамиятдан ўч олиш ниятида яшашади, ўлжаси ўз оёғи билан келиб турганда, ғуборидан чиқадилар; ўзганинг мулкига кўз олайтириш – бу шунчаки, омадсизлик палласининг оқибатидир.

Ҳаракатлари ахлоқ низомига тўғри келмаган одамлар ҳар доим нотўғри ҳаракатларини далиллаш учун ўша, анъанавий ахлоққа суянадилар. Улар ўзлари ўтирган шохни арралайдилар ва ерга қулаётиб пояга ёпишишади. Одамлар қачонки ахлоқ меъёрлари воситасида ўзини оқлаш йўлини топганларидагина, тинч-хотиржам бўлишади. Агар Коинотда чиндан ҳам маъно бўлмаса, инсон шунчаки атомлар бирикмаси бўлса, Худога ишонмайдиган одамлар ўзларини оқламаса ҳам бўлади, лекин улар барибир ўзларини оқлашади. Улар универсал ахлоқ мезонига ўзларини тўғрилаш заруратини ҳис қилишади, гарчи унинг мавжудлигини рад этсаларда. Уларнинг феъл-атвори ўша, улар қабул қилмайдиган реалликнинг мавжуд эканини тасдиқлайдиган асосий омилдир. Ўзларини оқлай олмаган пайтларда, улар рад этган виждон Худога ишонмайдиган одамларни қийнагани сингари, уларни ҳам қийнайди.

Кўзи бор одам ёруғликнинг мавжуд эканлигини кўриши, қулоғи бор одам – товуш мавжудлигини билиши сингари, виждоннинг борлиги Худонинг мавжудлигига ишора қилади: виждон бор экан, ахлоқий низом мавжудлигидан далолат беради, низом ўз навбатида ташқи, мутлақ асоснинг (абсолютнинг) реаллигини кўрсатади. Юқорида (4-бобда) айтилганидек бундай ахлоқий, мутлақ асос (абсолют) фақат Худо бўлиши мумкин.

Дунёни рўшнолик кўрмай қабул қилиш, қандай бўлсада, тўғри хулосалар бўлиши эҳтимолини рад этишга олиб келади. Бироқ Худога ишонмайдиган одамлар ўз фикри-қарорига асослана олмайдилар. Улар мутлақ асос (абсолют) бўлмаслиги ва ўша айтганларининг мутлақлигига (абсолютлигига) ишонишлари кераклигини айтишади. Улар ҳеч бўлмаганда, ўз фикри, яъни ҳақиқат бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида тушунчаси ҳақиқат эканлигини тан олишлари лозим. Улар қандай бўлмасин, мана шу, бир-бирига зид келган фикрларни мослаштиришга мажбур. Худога ишонмайдиган одамларнинг ҳаёти ва фикр-мулоҳазаси ўзлари билдирган қарашларга қарши келиши муқаррардир. Улар дунёнинг оқилона харакатеридан ўзларини ажратиб, мантиқсизликка муккасидан берилишади. Шунга қарамай, реаллик дамба-дам уларнинг сохта тасаввурлари ноқис эканлигини кўрсатаверади. Виждон, идрок, ахлоқ, ўзини ўзи англаш ва ҳақиқатни рад этиш уларни ҳаракатдан сақламайди.

Худога ишонмайдиган одамлар ўзларини болалар учун бир назмий асардаги қаҳрамон сингари тутишади, унда бош қаҳрамон, оғриқ аслида йўқ, бу одамга шундай туюлади, холос, деб ҳисоблаган. Бир куни ўша қаҳрамон “мих” устига ўтириб олади ва ўша “туюладиган” ҳолатнинг ёқимсиз эканига амин бўлади!

Кўп одамлар бугунги кунда фикри улар учун реаликка айланиб бораётганига ўзларини ишонтиришни афзал билишади. Воқеликдан ҳоли бўлолмайсиз. Ёнаётган тандирни – совуқ деб ўзингизни қанча ишонтирманг, бу билан совуқ бўлиб қолмайди.

Реалликнинг бўйсунмаслиги

Худога ишонмайдиган одамлар Худонинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда, Унга қарши бош кўтаришади. Коинотда маъно йўқлигини таъкидлаб, улар беихтиёр маъно бўлиши лозимлигини назарда тутадилар. Агар маънони Коинотда йўқ десалар, унда қаерда бор? Коинотдан ташқаридами? Бироқ табиий реалликдан ташқарида ғайритабиий олам мавжуд, улар уни тан олишмайди.

Одамларда маъно ҳақида тушунча борлигининг ўзи нимадандир далолат беради. Бу бизнинг маънога нисбатан қандай муносабатда бўлишимиздан қатъий назар, биз унинг мавжудлигини тасаввур қилишимизни кўрсатади. Инсонга қолса, у ўзи тажриба қилмаган нарсани тасаввур қилолмас эди. Ижодий фикрлайдиган одамлар, мутлақ янги нарсани ўйлаб топишмайди, улар ўз ҳис-кечинмалари натижаларини очиб, умумлаштириб, қайтадан ташкил этишади холос.

Янги оламни, аввал мавжуд бўлган намуналарнинг уйғун бирикмаси, давоми бўлмаган олтинчи сезги, тўртинчи ўлчам, учинчи жинс каби нарсаларни тасаввур қилиб кўрайлик. Албатта тасаввур қилишимиз мумкин, мисол учун ҳавода парвоз қиладиган сигирни, ўзга сайёраликни, юқорига қараб оқадиган сувни, бироқ бундай тасаввурларнинг ҳаммаси тажрибамиздан олинган материя асосида қурилади. Ҳатто машҳур Альберт Эйнштейн ҳам майдон умумий назарияси устида ишлаганда, материя шакллари сифатида мавжуд бўлган бўшлиқ ва вақт хусусиятларидан келиб чиққан. Бир ношир айтганидек: “Битта манбадан ўғирлаш – плагиат дейилади, бир нечта манбадан ўғирлаш эса – ижод деб юритилади”. Бу ҳазил ўз ичида муҳим бир фикрни яширади: бизнинг ижодкорлигимиз ва тасаввурларимиз ўзимиз сезиб, ҳис қилган нарсалар билан чегараланади.

Маъно ҳақида ғояни тасаввур қилиш, тушуниш ва ҳатто рад эта олишимиз маъно аслида мавжуд эканлигидан далолат беради. Акс ҳолда уни тасаввур қилолмасдик. Дунёни маъносиз деб нолиган одам, маъно ҳақида қандайдир тасаввурга эга бўлгани боис буни қилади, шунинг ўзи маъно реал эканлигини исботлайди. Агар ёруғлик бўлмаганида, биз уни тасаввур қилолмасдик ва табиийки қоронғуликдан нолий олмасдик ҳам. Маъносиз Коинотда маъно ҳақида ғоя ҳеч қачон ақлимизга келмасди ва биз унинг йўқлигидан нолий олмасдик. Маъно – реалликнинг объектив хусусиятидир ва уни тушуниш бизга илкиданоқ хос бўлган нарса.

Оламда маъно мавжудлигини ҳис этиш мутлақ Зот борлигига ишора қилади, мутлақ Зот эса Коинотни аниқ мақсад билан яратган Худо бўлиши мумкин холос. Биз яратилган дунёда ўз ўрнимизни билганимизда, ҳаётимизнинг мақсади нима эканлигини тушунамиз. Табиий олам билан чегараланмаган мутлақ Зот (абсолют) ҳар доим ўзи ҳақида эслатиб туради. Имонсиз одам дунёнинг мантиққа зидлигини қанча таъкидламасин, барибир Худонинг ҳақиқатига тўқнаш келади.

Атеизмнинг ноқислиги

Атеизм инсон юрагида асосга эга эмас ва объектив реалликка мутлақо тўғри келмайди. У гумроҳликдан келиб чиқади. Атеистлар, ҳар қандай одам сингари, Худони ички ҳис билан сезиб яшай бошлашади, бу ҳис бора-бора ҳақиқий эътиқодга айланиши мумкин. Одам, агар тарбия, ғазаб, мағрурлик, хусумат ва беахлоқлик уни йўлдан оздирмаса, туғилганида эътиқодга мойил бўлади.

Аслида олиб қаралганда, ҳар қандай атеист ўзининг эътиқод қилишга бўлган туғма қобилиятини ишга солмасликка қарор қилган потенциал имонлидир. У Худони четга суриб қўйишни ва истаклари йўриғидан юришни афзал билган. У унга ўтмишда шоир Уильям Хенли сингари: “Мен ўз тақдиримнинг эгаси, жонимнинг хўжайиниман”11, – дейишга имкон берилишини истайди. У унга қандайдир талабларни қўядиган юқори ҳокимиятга бўйсунишни истамайди, шу тариқа уни рад этади. Бу – беқарор нуқтаи назар ва агар мабодо у ноҳақ бўлиб чиқса (бир вақтнинг ўзида атеистлар ҳам, имонлилар ҳам ҳақ бўлишолмайди) жуда катта хавф остида қолади.

Худонинг реаллиги ҳақида ҳеч унамайдиган ҳисларни босиш учун атеистлар Уни ҳар доим, баланд овозда инкор этишга мажбур, аммо уларнинг ноҳақлиги эртами, кечми очилади, чунки асоси мутлақ ҳақиқат бўлган объектив оламда ёлғоннинг барбод бўлиши муқаррар. Ҳақиқатга тўғри келмаган ҳамма нарсанинг умри қисқа, ўткинчидир.

Атеистлар Худони рад этишига сабаб, Унинг инсон учун аҳамиятини тушунмасликларидандир. Кўп атеистлар шахсий эркинликка эришиш учун, Худодан бўлак бўлишни истайди. Инглиз ёзувчиси Олдос Хаксли шундай деган:

“Дунёда маъно бўлмаслигини исташимга сабаблар бор эди ва бунинг оқибатида мен, дунёда маъно йўқ деган қарорга келдим... Мен учун ва шак-шубҳасиз, аксарият замондошларим учун маъносизлик фалсафаси аслида эркинликка эришиш воситаси бўлиб хизмат қилган. Биз маълум бир сиёсий-иқтисодий тизимдан ва маълум бир ахлоқий тамойиллар тизимдан озод бўлишни истардик. Биз ахлоққа қарши бош кўтардик, чунки у бизнинг жинсий эркинлигимизни чегаралаб қўйди”.

Худодан узоқлашиш учун атеизмдан бошпана излаганлар, Худо билан муносабат улар ўзлари эришадиган эркинликдан кўра кенгроқ эркинликларни беришини билишмайди. Улар ўзларини худди қафасга кириб, уларни озодликка чиқармоқчи бўлган одамдан қочадиган ҳайвонлар каби тутишади. Атеистлар, то Худога уларни озодликка чиқаришига йўл қўйиб бермагунларига қадар, ўзининг тор Коинотида ўтиришади.

Маъно Худонинг мавжудлигидаёқ аён. Мана шу маъно туфайли агностик дўстим Масиҳга имон келтирди. Ҳатто нариги дунё бўлмаган тақдирда ҳам, Худо мавжуд эканлигини тушунишнинг ўзи, тасодиф ҳисобланса агар, қувонч ва маънодан мосуво бўлган ҳаётга буларни ошиғи билан улашар эди. Бироқ энг катта мўъжиза шуки, Худога келганимизда, нафақат воқелик, умуман, шахсий ҳаётимиз ҳам маънога тўлади. Оламни яратган Худо ҳар биримиз билан шахсан муносабат тузишни хоҳлайди ва бизга абадий ҳаёт таклиф қилади. Бизнинг вазифамиз ва ҳаётимизнинг маъноси мана шу бўлади.

Бирдан-бир оқилона йўл – бу Худога ишониш. Гарчи Унинг мавжудлигини тажриба йўли билан исботлай олмасакда, то дунёда маъно бор экан, бизнинг Худога ишонмай иложимиз йўқ. Реаллик, агар асосида мутлақ Зот – Худо бўлмаса, маъносиздир. Коинот Худонинг режасига мос тарзда яратилгани боис ҳам, ундан кўзланган мақсад-муддаолар бор. Бизнинг ҳаётимиз ҳам маънодан ҳоли эмас, негаки Худо бизни аниқ мақсад билан яратган ва биз У билан муносабат қуриш воситасида ўша мақсадни билиб оламиз.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Нима учун натурализм Коинотида инсон зоти – қўнғиз, ёввойи ўт, тошлар ва бошқа табиий жинслардан муҳим эмас?

2. Агар инсон шунчаки тасодиф орқали пайдо бўлган механизм бўлса, бу ҳолда бизда ўзганинг ҳатти-ҳаракатини яхши ёки ёмон деб баҳолашга асос бўладими? Нима учун?

3. Нима учун мавжудлик маъносининг манбасини табиат доираси билан чегараланган Коинотдан топиб бўлмайди?

4. Нима учун Худога ишонмаслик реал воқеликка тўғри келмайди?

5. Нима учун Худога ишонмайдиган одамлар ҳам, имонлилар ҳам нотўғри ҳаракатларини оқлашга мойил бўлишади?

6. Атеистлар уларга туғилишданоқ хос бўлган Худо ҳақида тушунчаларини нима қилишади? Нима учун?

7. Олам маъносининг бош манбаси қаерда? Нима учун?

ОЛТИНЧИ БОБ

НИМА УЧУН БИЗ ҚУЁШ БОТИШИНИ КУЗАТИШНИ ВА

МУСИҚА ТИНГЛАШНИ ЯХШИ КЎРАМИЗ?

Сиз концертда ўтирибсиз, баданингиз жимирлаб кетаётганини сезасиз, баҳри-дилингиз очилади. Ўзингизга савол берасиз: нима учун мусиқа бундай ҳис-кечинмаларни уйғотади?

Кўргазмага келдингиз ва бўёқ билан ишланган расм олдида турибсиз. Ранглар, теранлик ва мазмун сизга шундай таъсир қиладики, севинганингиздан нафасингиз ичига тушиб кетади, юрагингиз тез-тез уради.

Тоғ сўқмоғидан юриб келяпсиз ва бирдан очилган манзара сизни ҳайрат билан тўхташга мажбур қилади: қор қоплаган чўққилар қуёшда ярқираб, қарағайлар билан ўралган кўл буни акс эттиради. Сизни шундай ҳис-ҳаяжонлар тўлдирадики, уларни на ифода эта оласиз, на тушунтира оласиз.

Фигуристларнинг майин, уйғун ҳаракатлари эс-ҳушингизни олиб қўяди. Томошабинлар билан бирга сиз ҳам ўрнингиздан туриб ҳайқирасиз, баралла қарсак чаласиз.

Бир куни кечаси, ўтиришда барча одамлар орасида сизни ўзига бошқача тортган бир шахсни учратасиз. Ишонасизки, ҳеч ким, ҳеч қачон сизда бу каби ҳис-кечинмаларни уйғотмайди.

Юқорида келтирилган барча мисолларда сиз гўзалликка тўқнаш келдингиз ва изоҳлаб бўлмайдиган ҳузур-ҳаловат ҳиссини бошдан кечирдингиз. Шу тарзда биз ўзига хос, мувофиқ шакллар, ранглар, товушлар ва ҳаракатларга муносабат билдирамиз. “Гўзаллик” деб биз ҳар қандай ҳодисани: манзара, ҳайрат, кўтаринки руҳ, илҳом, завқ, қувонч, хурсандчилик бағишлайдиган товушларни атаймиз. Гўзаллик – бу қандайдир юксак, шеърий кечинмадир, у бизни оддий турмушдан юксакликларга кўтаради, қалбимизга роҳат бахш этади.

Гўзаллик бизга нима учун бу даражада кучли таъсир қилишини тушунтиришимиз қийин. Куй қўшиқда, қорли чўққида, санъат асарида, кимнингдир қиёфасида нимаики борки, қалбимизни ўзига ром этса, юрагимизга ҳаяжон солса? Биз гўзаликка катта аҳамият берамиз, аммо уни тушунтиролмаймиз.

Гўзалликни изоҳлаш

Одатда гўзалликка таъриф бермаймиз, шунчаки буни аллақандай бир субъектив нарса деймиз. Эстетик афзалликлардаги фарқ-тафовутларни биз гўзаллик – “қараганнинг кўзида”, деймиз. Менга тоғлар ёқиши мумкин, сизга эса денгиз соҳиллари. Мен мумтоз қўшиқларни яхши кўришим мумкин, сизга эса – кантри ёқиши мумкин. Мени француз импрессионистлари лол қолдиради, сизни эса – поп-арт. Менга меъморчиликнинг колоннали усул ёқади, сизга эса – осмонўпар бетон ва шиша. Бундай тафовутлар орамизда кўпчиликни гўзаллик ўлчови объектив эмас ва фақат шахсий дид билан белгиланади, деган хулосага олиб келади. Ҳатто имонлилар ўртасида ҳам, ахлоқий меъёрлардан фарқли равишда, гўзаллик ҳақида тасаввурлар ҳар ким учун ўзи афзал деб билган нарсалардан келиб чиқади, деб ҳисоблашга мойилдирлар.

Аммо умумий фикр бўйича гўзал ва хунук ҳисобланган нарсалар одамларнинг диди ўртасида тафовутлардан устун келади. Мисол учун, деярли ҳамма одам оққушларни ва капалакларни чиройли, кўршапалак ва ўргимчакларни эса ёқимсиз деб ҳисоблайди. Аксарият Альп тоғларини – гўзал, вулқон отилиб чиққандан кейинги манзарани – хунук деб билади. Эркаклар малла ёки қизғиш сочли аёллардан кўра, оқ сариқ сочли аёлларни чиройлироқ деб ҳисоблаши мумкин. Бироқ шундай аёллар борки, сочи қандай рангда бўлишидан қатъий назар, ҳамма уларни чиройли деб ҳисоблайди. Шахсий фикрлар гўзаллик ҳақида ҳамма қабул қилган тасаввурлар доирасида шунчаки вариациялар холос.

Натуралистлар гўзаллик тушунчасини фойдали ва мақбул сифатларга боғлашга мойил бўлишади. Бизлар ҳайвонот гўзаллиги деб атаган нарсани улар турларни ҳимоя қилиш ва кўпайиши учун хизмат қилувчи, ривожланган хусусиятлар деб билишади. Натуралистларнинг нуқтаи назаридан олиб қаралганда, гулнинг ёрқин ранглари, лаззат улаша оладиган омил эмас, шунчаки капалак ва асалариларни чанглаш учун ўзига жалб қиладиган восита холос. Натуралистлар биз чиройли деб атаган хотин-қизларнинг ҳуснини – эстетик таъсир эмас, балки эркакларни жалб қилиш вазифасини ўтайдиган восита деб билишади, яъни эркаклар бундай ҳуснда авлод пайдо қилиш, бола ўстириш қобилиятини кўриши назарда тутилади. Кенг елкали, қўллари бақувват эркакларнинг аёлларга ёқишига сабаб шуки, улар бунда оилани боқишга ва ҳимоя қилишга қодир одамни кўришади. Товус жуфтининг эътиборини тортиш учун патларини ёяди. Йўлбарснинг чиройли, йўл-йўл ранги – шунчаки ниқоб, чакалакзорда йиртқичга ўлжаси яқинига билдирмасдан, писиб келиш имконини берувчи воситадир. Натурализм тарафдори учун биз гўзаллик деб атайдиган ҳодисаларда тушуниб бўлмайдиган ҳеч нарса йўқ: бу шунчаки восита, табиат сайёрамизда ҳаётни сақлаш учун қўллайдиган йўл холос.

Санъатга ҳам улар худди шу тарзда таъриф берадилар. Уларнинг айтишича, инсон назарида гўзаллик деб қабул қилинган нарса аслида самарадорлик ва функционалликнинг ифодасидир. Меъморчи Фрэнк Л. Райт ўзининг машҳур шиорида: “Шакл функция ортидан келади”, дейди. Бу унинг нуқтаи назарини хулосалайди, яъни гўзалликни самарадорлик учун лойиҳалашнинг натижаси қилиб кўрсатади. “Конкорд” номли, товушдан тез учадиган самолётни жаҳонда энг чиройли машина деб аташган. Лойиҳачи мутахассисдан қандай қилиб бу натижага эришгани, машинани бу даражада нафис қилиб ярата олгани ҳақида сўраганларида, у самолётни нафис қилиб яратишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганини айтган. Самолёт дизайнида ҳамма нарса фақат самарадорликка хизмат қилиши лозим эди. Чирой табиий равишда мақсадга мувофиқликнинг ёрдамчи воситасига айланади.

Гўзалликни, ушбу мураккаб тушунчани шунчаки мақсадга мувофиқликка боғлаш анча қизиқтиради: нимаики фойда берса – чиройли, беўхшов ва норасо бўлган нарсалар эса – хунук. Соғлом бўлиш – чиройли, дард ва соғлиқнинг ёмонлашиши – хунук ҳолат. Ҳаёт – гўзал, ўлим эса – даҳшатлидир. Уйғунлик ўзига жалб қилади, уйғунсизлик эса кўнгилни совутади. Саранжомлик – чиройли, тартибсизлик ва мувозанатнинг йўқолиши хавотирга ва ташвишга солади. Гўзаллик самарадорликдан келиб чиққандай гўё. Ноқис, бузилган, бемантиқ ва самарасиз нарсаларда ҳеч қандай гўзаллик кўрмаймиз.

Бундай таърифда қисман ҳақиқат бор, бироқ кенг қамровли эмас. Кўпинча самарадорлик гўзалликка боғлиқ бўлмайди. Икки одамнинг кучи, соғлиги, меҳнатсеварлиги ва моҳирлиги бир хил бўлиб ҳам, улардан бири чиройли, иккинчиси хунук бўлиши мумкин. Малика Викториа даври ва урушдан олдинги давр биноларининг қайта тикланиши оммалашиши натижасида шу нарса кўринадики, Райт билдирган фикрга хилоф равишда, кўплаб одамлар функционалликдан мутлақо йироқ бўлган безакларни ниҳоятда чиройли деб топишади. Агар гўзаллик мақсадга мувофиқликда бўлса, бу ҳолда нима учун ўргимчакларни деярли ҳеч ким ёқтирмайди? Мусиқада умуман ҳеч қандай манфаатли жиҳат йўқ, шундай бўлсада мусиқа бизга катта ором беради. Агар ўлим даҳшатли бўлса, нима учун куз бу қадар жозибали, ахир дарахтларда барча барглар ўладику? Агар ҳаёт аслида гўзал бўлса, нима учун қуртлар тўдаси бизда жирканч ҳисларни уйғотади?

Айрим файласуфлар гўзалликни уйғунлик, симметрия, мутаносиблик ва бир маромдаги ҳаракат билан боғлашади. Мазкур сифатлар, агар табиатда ёки санъатда айнан нима бизда завқ уйғотишини белгиласа, маълум бир даражада фойдали бўлиши мумкин, бироқ улар нима сабабдан биз уларга нисбатан бундай муносабат кўрсатишимизни тушунтирмайди. Биз гўзалликнинг таъсирига тўла-тўкис изоҳ беролмаймиз. Нима учун маълум бир шаклларни томоша қилиш, товушларни тинглаш, нарсаларни пайпаслаш бизда ёқимли ҳисларни уйғотади?

Биз мазкур саволга жавоб беришни ўзимизга мақсад қилмаганмиз. Мақсадимиз – гарчи гўзалликнинг тоифасини белгилашга қодир бўлмасакда, унинг хаёлий эмаслигини кўрсатиш. Гўзаллик фойда, манфаат учунгина хизмат қилмайди, у тўлиқ субъектив ҳам эмас. Гўзаллик объектив реаллик сифатида мавжуддир, табиий оламда ҳеч нарса уни тўла-тўкис тушунтиролмайди. Гўзаллик табиат оламининг ташқидан, – ғайритабиий, мутлақ асосдан келиб чиқади.

Тескари ўгирилган ҳақиқат

Гўзалликка натурализм берган изоҳлар ҳеч нарсага ярамайди, негаки улар худди реалликни тескари ўгиргандай бўлади. Натурализм воқеликни функционаллик даражасига олиб келади. Натуралистлар табиат таъсири механизмини кўришади холос, имонлилар учун эса бу механизм мавжудлик маъносини тушуниш воситаси бўлиб хизмат қилади. Натурализм фалсафасида механика моҳияти нотўғри қабул қилинади.

Компьютерни тасаввур қилинг. Электрон сигналлар, дисководлар, микросхемалар – буларнинг ҳаммаси компьютер фаолиятини таъминлайдиган хоссалар бўлсада, компьютернинг ишлашидан мақсад ва маъно улар билан боғлиқ эмас. Компьютернинг вазифаси бизнинг ишимизни, ўқишимиз, бошқа одамлар билан алоқа қилишимизни енгиллаштиришдан иборат. Механика мониторда ва принтерда акс эттирадиган керакли маълумотлар туфайлигина аҳамиятга эга. Соатнинг аҳамияти ундаги пружиналар ва тишли ғилдираклар билан боғлиқ эмас, аҳамиятлиси циферблатда кўрсатиладиган вақт. Механизмнинг ўзи ҳеч қандай маъно касб этмайди, у – маъно ҳосил қилишда бир восита холос.

Натуралистлар Коинотни нотўғри тасаввур қилишади, негаки улар учун реаллик – бу табиий омилларнинг ўз-ўзидан юзага келадиган таъсири холос. Натуралистлар оламнинг маънолилигини тан олишмайди, негаки бу ғоя мақсад устун эканлиги ва механика ўша мақсадга хизмат қилишини кўрсатади. Бу эса олий режа мавжудлигини назарда тутади. Натуралистлар нуқтаи назаридан бунга йўл қўйиб бўлмайди, улар кўр-кўрона ҳаракатланадиган табиатдан бошқа ҳеч нарсага ишонишмайди.

Механистик Коинотда гўзалликка ўрин йўқ. Бундай Коинот унга чирой улашадиган ҳар қандай омилдан ҳолидир, негаки натуралистлар механизм деталларини қабул қилишади холос, чуқурроқ яширинган ҳақиқатни кўришмайди. Уларнинг тадқиқоти маънони ҳам мақсадни ҳам кўрмайди ва оқибатда бадиий ва сирли нарсаларнинг ҳаммаси йўқотилади. Ўз ғоясига эътиқод қилган натурализм тарафдори қорли чўққида салобат мавжудлигини кўрмайди, негаки унинг дунё ҳақидаги тасаввурида бундай тушунча йўқ. Натурализм тарафдори назарида тоғ – бу ер қобиғидан тасодифий йўл билан сиқиб чиқарилган ва совуб, қотиб қолган минераллар. Тоғнинг шаклида ҳам, устки қатламида ҳам, рангида ҳам ҳеч қандай гўзаллик, ҳеч қандай маъно йўқ. У табиатнинг бундай кўринишини азиз кўришни хаёлига ҳам келтирмайди. У мавжудотни ўрганиш эмас, унинг гўзаллигидан баҳра олиш кераклиги ҳақида чақирувга беписанд бўлиб қолаверади.

Орамизда аксарият нонуштага узатилган гўшт ва тухум, асал ва сутни роҳат билан истеъмол қиламиз. Бироқ умри давомида балчиққа ботиб ётган ҳайвондан кесиб олинган, бир бурда ёғи ажралган гўштни; уй паррандасининг тухум ҳужайрасини; ҳашаротлар ширадон ўсимликлардан ишлаб чиқарадиган қиёмсимон, қуюқ суюқликни; ва кавш қайтарадиган, қўштуёқли ҳайвондан ажраладиган оқ, озиқлантирувчи суюқликни кўрганимизда, иштаҳамиз йўқолиши тайин. Натуралистлар нонуштага мана шу нарсаларни истеъмол қилишади, – уларнинг нуқтаи назари билан қаралганда, ҳис-туйғуларимизга лаззат улаша оладиган ҳамма нарса бекор.

Имонлилар дарахтларни, чакалакзор, гуллар ва майсазорни кўришса, натуралистлар томир ва гўнг, толалар ва озиқа моддаларини етказиб берадиган чирмовиқларни кўришади. Улар дарахт баргини, унинг шакли, ранги ва тузилишига қараганларида, ҳаёт рамзини эмас, кимёвий унсурларни, шарбат механикасини, фотонларни, томирлар ва тўқималарни кўришади. Баргнинг яшил жилоси уларни ажаблантирмайди, – бу шунчаки фотосинтез (қуёш нурлари таъсирида карбонат кислота ва сувдан углеводлар пайдо бўлишининг оқибати) холос. Хлорофилл пигментида ҳам улар ҳеч қанча гўзалликни пайқамайдилар, бу улар учун яллиғланган ўт пуфагидан ажралувчи яшил моддадай гап.

Натурализмнинг ноқислиги

Бизнинг натурализмга берган таърифимиз назарингизда ҳаддан ортиқ беандишаликдай кўриниши мумкин. Бунинг ҳақиқатга қай даражада тўғри келишини кўрайлик. Биз Худога ишонмайдиган одам, агар ўз фалсафаси бўйича иш тутса, табиатни қандай қабул қилиши кераклигига таъриф берамиз. Аммо аслида, гўзаллик тушунчасини тан олмайдиган фалсафий нуқтаи назарга қарамай, Худога ишонмайдиган одамларнинг аксарияти гўзалликни худди имонлилар сингари қабул қилишади. Бундай қилмасликнинг иложи йўқ. Албатта, улар атир гулнинг ранги ва муаттар ҳиди жуда функционал эканлигини тушунтириб бера олишади, бироқ гулга қараганларида, гул имонлиларга қандай бўлса, уларга ҳам худди шундай таъсир кўрсатади. Улар кўзга кўринадиган нур электромагнит тўлқинларининг спектрига илмий назар билан изоҳ бера оладилар, бироқ худди имонлилар сингари, ўзлари ҳам қуёш ботганда ҳосил бўладиган манзарадан завқ олишади.

Буни шундай тушунтириш мумкин. Гўзаллик шу даражада таъсирлики, натурализм фалсафаси қурган ақлий тўсиқларга қарамай, инсон туйғусига ўз таъсирини кўрсатади. Натуралистлар шунчаки ўз нуқтаи назарини мантиқий ниҳоясига етказишмайди. Улар бирон нарсани чиройли деб тан олиш ўзларининг фалсафий нуқтаи назарига зид эканлигини тушунмайдилар. Чиндан ҳам изчил бўлганлар учун эса гўзаллик мавжуд эмас.

Агар сизга биз кўпиртириб гапираётгандек туюлаётган бўлса, шоир ва олим Жорж Жон Романеснинг раҳм уйғотадиган сўзларига эътибор беринг. Чарльз Дарвиннинг шогирди бўлишидан аввал, дунё Худо томонидан яратилганига ишонган бу одам: “Ор қилмасдан шуни айтаманки, Худони рад этганимдан кейин Коинот мен учун ўз жозибасини йўқотди; қачонлардир меники бўлган, ўша кўтаринки дунёқарашлар билан ҳозир ўзимни ёлғиз ҳис қилишим ва мавжудликни ақл билан забт этолмаслигим ўртасида кескин фарқ ҳақида ўйлаганимда, ... ич-ичимда вужудимни асир қилган, ўткир оғриқни ҳис этаман12” деган.

Романес фалсафага реаллик ҳақида тасаввурларини бузиб, ўзгартиришга, мавжудликка маъно ва гўзаллик улашган мутлақ Зотни рад этишга йўл қўйиб берган фикр юритувчи одамнинг онгини эгаллайдиган фожиали умидсизликни кўрсатди.

Натурализмга ишонган Романес Коинотни тескари ўгирди. Механизмнинг ички қисмлари ташқарига ўтди ва у фақат қисмлар ҳаракатини кўрадиган, мақсадсиз пайдо бўлган, ўзини ўзи озиқлантирган, ҳеч қандай аҳамиятли нарса ишлаб чиқармайдиган, то тўхтамагунича ишлаб турадиган табиат машинасининг ҳарсиллашини эшита бошлади. Романес ўзининг дунёсидан Худони олиб ташлаш билан бирга, дунёни шакллар, текстура, ранглар ва товушларга маъно улашган ҳамма нарсадан мосуво қилди. У гўзалликни йўқотган дунёда ёлғиз қолди. Янги фалсафаси гўзалликни – сохта тасаввур деб қабул қилар эди.

Натуралистлар гўзалликни сохта тасаввур деб ҳисоблашлари мумкин, лекин уни кўра олмайдилар. Гўзаллик – уларнинг механистик Коинотида ўзлари билан бирга фанога кетиши муқаррар бўлган реалликнинг ҳалокатли эканлиги ҳақидаги фикр-хаёллардан чалғитишга қодир ягона куч десак, муболаға бўлмайди. Муқаррар ҳалокат ҳақида оғир ўйларга ботгандан кўра, қабр ёқасида ўйнаб олган маъқул.

Бу умидсизлик замонавий санъат йўналишларида намоён этилмоқда. Қачонлардир рассом гўзалликни ифода этишни ўз олдига мақсад қилган. Бироқ натурализм фалсафаси устун кела бошлагач, санъатдан мақсад ҳам, эстетик гўзаллик ҳам йўқолди. Маъносизлик фалсафаси босим билан Худога ишонмаган рассомларнинг асарларидан ёрқин рангларни чиқариб ташлади. Улар тамомила иложсиз ҳолда, гўзалликни йўқ қилдилар, бутун мавжудликни ўз домига ботирадиган зулматни яширишга ноқобил сохта тасаввур даражасига туширдилар. Уларнинг умидсиз ҳолатини ёзган асарлари акс эттириб туради.

Мантиқий томондан олиб қаралганда, натуралистик оламда гўзалликка ўрин йўқ. Нима учунлигини ҳозир тушунтираман. Гўзаллик концепциясининг ўзи эстетик идеал, объект интиладиган қандайдир мезон мавжудлигини назарда тутади. У ўша идеалга қанча яқинлагани сари, шунча гўзаллашиб боради. Бироқ натуралистларнинг тасодиф туфайли пайдо бўлган оламида мутлақ асос йўқ, бу демакки идеал ҳам мавжуд бўлолмайди. Нимаики мавжуд бўлса, ўша бор, бўлиши керак бўлган ҳеч нарса йўқ. Нима бўлиши кераклигини фақат аввалдан мавжуд бўлган мезон кўрсата олади ва ўша мезонга қараб биз солиштира оламиз. Худосиз оламда эса шакл ва функциялар тасодиф туфайли пайдо бўлган ва эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига кўра доимий ўзгариш жараёнидан ўтади, шу боис биз маълум бир даврдаги ҳолатни идеал дея олмаймиз. Бундай оламда нимага мувофиқ бўлишни белгилайдиган мутлақ мезонлар бўлмайди. Бундай мезонларсиз гўзаллик ҳам бўлмайди, мутлақ асос бўлмаса агар, мезон ҳам бўлмайди, Худосиз эса мутлақ асос бўлмайди. Агар натуралистлар ҳам бўлишса, ҳақиқий гўзаллик мавжуд бўлолмайди, негаки у яқинлаша оладиган доимий, ўзгармас мезон йўқ.

Масиҳийлар нуқтаи назари

Шуберт симфонияси, Рафаэль сурати, қуёшнинг ботиши ёки тоғдаги шаршара инсон онгига кўрсатадиган таъсирни масиҳийлар қандай тушунтиришади? Натуралистлар мазкур туйғуларни субъектив қабул қилишади, шаршарада кўтаринки кайфият бағишлайдиган ҳеч нарса йўқ, дейишади. У шундай кўринишга эга холос, негаки томоша қилганларда шундай кечинмаларни уйғотади.

Бундай нуқтаи назарни инкор этар экан, Клайв Льюис “Инсон бекор қилинади” номли китобида табиатда маълум бир объектларга ўзига хос эмоционал реакция тўғри келишини исботлайди. Бу туйғулар чиндан ҳам бемаъни, уларни тушунтириб бўлмайди, – эҳтимол шаршара уни томоша қилганларда завқ уйғотадиган қандайдир сифатга эгадир.

Шаршара, қуёш ботиши ёки тоғ завқ уйғота оладиган қандай хусусиятга эга бўлиши мумкин? Натуралистлар айтишича, тоғнинг нотекис қатлами тектоник жараёнлар, яъни тартибсиз равишда ҳаракатланадиган ер қатлами остидаги геологик кучларнинг таъсиридир. Шаршара – бу дарё ўзанини жарлик кесган жойда, сувга нисбатан тортиш кучи таъсирининг оқибатидир. Бироқ натуралистлар мана шу табиий ҳодисалар туфайли пайдо бўладиган кўтаринки туйғуларни қандай тушунтиришади? Биз фақат геология ва гравитацияга боғлайдиган табиий Коинотда мазкур туйғулар далил топмайди.

Эҳтимол тоғ – санъат асари бўлиб, яратувчиси тоғ шакли қандайдир таъсир кўрсатишини хоҳлагандир? Яратувчининг режасида бу қандай эффект бериши кераклигини биз билмаймиз, бироқ кўплаб одамлар учун умумий бўлган туйғулар асосида экстраполяция қилишимиз мумкин (нарсанинг бир қисмини кузатиш асосида олинган хулосаларни унинг бошқа қисмига ёйиш). Тоғ чўққиларини кўрганда аксарият одамлар улуғворлик, ўзгача ҳаяжон, иззат-икром, тушунтириб бўлмайдиган осмонга интилиш ҳиссини бошдан кечиришади. Балки тоғ кўргазмали метафора сифатида яратилгандир, бизнинг тажрибамиздан ташқаридаги олий нарсаларга интилишимиз сиймосини акс эттирар. Афлотун ғори, қуёшнинг ботиши, мусиқа ва санъат олий, ғайритабиий реалликка ишора бўлиши мумкин. Биз табиатда кузатган ва санъатда акс эттирган гўзаллик воқеликнинг бир қисмигина бўлган табиий оламнинг ташқарисидаги яна ҳам буюк нарсанинг садосидир балки.

Хаёлпарастлар ва романтиклар ҳақиқатни таниб билмоққа ҳаммадан кўра яқин келишади. Тоғ чўққисининг улканлигини ҳис қилган пайтимиздагина, табиат манзарасини, кузги баргларда ўзига хос рангни кўриб, нафасимиз ичимизга тушганда, мусиқа ҳаёт мазмунини очиб берган паллада, кимнингдир юзи бизга сеҳрли нурларни таратганда, реаллик сирининг пардаси очилади. Аммо натурализм тарафдори учун эмас, – у ўзининг лупаси билан фақат механика ва кимёни кўра олади холос. У ҳақиқатни тушунишдан жуда йироқ.

Ҳа, бизга ҳаётнинг бошқа томони ҳам маълум, – кулфат, оғриқ, давоси йўқ дард, инфаркт, ўлим, бўрон, сув тошқинлари, зилзилалар. Бу ҳодисалар даҳшатли, шундай бўлсада уларнинг ҳаммаси – реаллик ичидаги вақтинча доғлар холос. Улар реаллик эмас.

Аваллари ишга боришда Колорадо дарёсини кўприк устидан кесиб ўтардим. Бутун кўприкнинг усти занг босиб ётарди. Гарчи занг қатлами остига қарай олмаган бўлсамда, кўприк таг-тубигача зангдан иборат деган фикрга бормайман. Ҳақиқат шундаки, занг қатлами остида ҳақиқий, мустаҳкам метал мавжуд.

Ҳақиқат шундаки реал манзарани бузиб кўрсатган доғлар остида оламнинг буюклиги яширинган. Бугунги кунда кўпчиликка кулги бўлган романтиклар буни ҳаммадан яхши кўра оладилар. Улар бошқаларнинг кўзини шамғалат қилган парда ортидаги нарсани кўришга қодир. Гўзалликни кўриб, улар ҳақиқатни кўрадилар.

Бироқ гўзаллик бизда қандай туйғуларни уйғотмасин, табиатда ҳам, санъатда ҳам уларни тўлиқ қаноатлантира оладиган нарса йўқ. Ҳатто энг чиройли, энг гўзал мусиқа ҳам бизнинг руҳий чанқоғимизни қаноатлантирмайди. Ҳеч бир инсон, у қанчалик ажойиб сифатларга эга бўлмасин, қандай садоқатли, меҳрли бўлмасин, инсон дилидаги истакларни қаноатлантира олмайди. Тоғ чўққисини кўрганимизда дилимизни тўлдирадиган юксак ҳис-кечинмаларга қарамай, унда ҳам бизга керак нарса йўқ. Туйғуларимиз бир мунча буюк, салобатли нарсага йўналтирилган. Биз интилган нарса тоғ эмас, гарчи у Ўша Зотга очиқ ишора қилсада.

Гўзаллик – биз кўрмай, эшитмай, сезмай интилган реалликнинг сояси холос. Табиатда гўзаллик бизга роҳат-фароғат бериши лозим бўлган нарса ҳақида “хотираларни” уйғотади, бироқ бу қувончни биз ҳеч қачон тўлиқ ҳис қилмаймиз. Худдики, бир нарсани тушуниш учун бизга ҳали етарли даражада ривожланмаган сезги керакдек. Бизда мавжуд бўлган бешта сезги ёрдамида биз буни вақти-вақти билан, қандайдир лаҳзаларда ҳис этиб қоламиз.

Денгизчиларга сирена овози таъсир қилгани каби, гўзаллик ҳам бизга ўз таъсирини ўтказади ва биз ҳамма нарсани унутиб, унинг ортидан боришга қодирмиз. Аммо у худди камалак сингари бўлиб, доим биздан йироқлашаверади, қўл текканда ёриладиган совун кўпигига ўхшайди. Биз гўзалликни томоша қиламиз, кўриб тўймаймиз, худди ўйинчоқ дўконидан кўз узолмай, қалин шишали витринага бурни билан ёпишган болага ўхшаймиз. Унга шўнғиб кетишни қанча истамайлик, бунга кучимиз етмайди. Ҳатто симфония эшитиб, қуёш ботишини кузатиб, картина тамоша қилиб, ғоят даражада роҳатланган вақтимизда ҳам, истаганимизга эришмаймиз. Бу ёқимли нарсаларнинг ҳаммаси – биз истаган, аммо эришолмайдиган воқеликнинг образлари холос. Гўзаллик – биз истаган мақсад эмас, унга олиб борадиган йўлдир.

Гўзалликда биз ғайритабиий нарсанинг садосини эшитамиз. Табиатга ва санъатда акс эттирилган гўзаллик бизга бор нарсанинг манбаси бўлган олий реалликни кўриш имконини беради. Гўзалликни тўлиқ қамраб бўлмайди, негаки биз учун ёпиқ бўлган ўлчовдан келиб чиқади.

Биз табиий оламда яшаймиз – табиат оламида. У шу даражада бузилганки, ғайриоламдан ярқираган гўзалликни булғайди. Гўзаллик гуноҳ пардасини ёриб ўтади, салобати билан бутун мавжудликнинг трансцендент (тажриба билан билиб бўлмайдиган) бош сабабини намоён қилади. Унинг дунёмизга кириб келиши, тўла ҳолатида мавжудлигидан далолат беради, гўзалликни ҳозирнинг ўзида кўриш имкони эса – биз охир-оқибат ўша олий ўлчамга эришишимиз, ўзимиз чиндан интилган нарса билан бирлашишимиз ҳақида ваъданинг тасдиқ, далилидир. Бироқ бу ҳозир бўладиган нарса эмас. Ҳозир бизнинг жойимиз бу дунёда, биз то юрагимизни тинч қўймаган гўзаллик билан бирлашгунимизга қадар бу ерда ўз вазифамизни охиригача бажаришимиз лозим. Шароб ичишдан аввал узумни эзиб, сувини чиқариш талаб этилади.

Кўп шоирлар, бастакорлар ва ёзувчилар ўша, енгиб бўлмайдиган хоҳиш – гўзаллик ортидан югуриш истагини ёрқин сўзлар билан ифода этган. Р.Толкиен ўзининг “Ниггл барги” номли ҳикоясида бир рассом ҳақида ёзади. У баргларнинг гўзаллигига шу даражада шайдо бўладики, уларни тасвирлашга бутун ҳаётини бағишлайди. Бироқ вақт ўтиб, у яна ҳам юксак гўзаллик борлигини пайқайди ва дарахтни, сўнг ўрмонни, сўнг эса бутун ўрмон манзарасини, кейин бу манзарага чирой берган ёруғликни тасвирлашга ўтади”. Тутиб бўлмайдиган гўзалликни излашга Ниггл ўзининг бор вақтини бағишлар эди, бироқ бир хастага ёрдам бериш учун дамба-дам ишидан чалғиб туришга мажбур бўлади ва шу сабабдан ўз асарини охиригача етказа олмайди.

Артур Салливан ёзган “Йўқотилган аккорд” номли қўшиқ қаҳрамони – орган олдида зерикиб қолган бастакор. Унинг бармоқлари клавишалардан югуриб, тўсатдан жуда чиройли бир аккордни чиқаради. Аккорднинг оҳангдор, самовий салобати унинг қалбини титратиб юборади. У клавишаларда ўша оҳангдор бирикмани қайтадан чалишга ҳаракат қилади, аммо тополмайди. Ниҳоят, композитор ўша аккорд бу ҳаётга тегишли эмаслигини тушунади. Унинг садоси юрагида то умри охиригача янграйди, фақат осмондагина ўша “йўқотилган аккордни” тинглашга муяссар бўлади.

Роберт Фростнинг “Қор ёққан кеча ўрмонга тикилиб” номли шеърида шоир қор ёғаётганда ўрмон ёнидан ўтаётгани ҳақида ёзади. Унда ўрмонга кириш, осойишталик, хотиржамликка шўнғиш ва у билан бирлашиб, ором топиш истаги уйғонади. Аммо буни қилолмайди. У вужудини мафтун этган осойишталик ва гўзаллик ҳозирча унга тегишли эмаслигини билади. Улар бошқа дунёга тегишли. Бу дунёда эса унинг, худди у сингари қийинчиликлардан, оғриқ, йўқотишлар, кулфат ва муҳтожликлардан ўтаётган бошқа одамлар олдида масъулияти бор. У бошқа, истак орзулар рўёбга чиқадиган комил дунёга киришдан аввал, мана шу, ҳалокатга йўлиққан дунёда ўз вазифасига содиқ қолмоғи лозим. Маъюс хўрсиниб, у отни ҳайдайди.

Ўрмон эса ўзига тортар,

Чуқур ўрмон, бўм-бўш ўрмон.

Бироқ мени айтган сўз мени қайтарар,

Ҳали узоқ йўлим бор

Ҳали узоқ йўлим бор

Комиллик сиймоси

Масиҳийларнинг илоҳиёт борасида таълимоти бизнинг гўзалликка интилишимиз ва ундан узоқлашганимизни тушунтиради. Биз – гуноҳга ботганмиз ва ҳалокатга йўлиққан дунёда яшаяпмиз. Азалда борлиқ мавжудот тўла, нуқсонсиз гўзалликка эга бўлган, аммо гуноҳ унга ҳалокатли таъсир кўрсатди, шу боис ҳозирда ноқисликнинг таъсиридан азият чекмаган гўзаллик йўқ. Тўла симметрия йўқ, бирон ҳусн йўқки, камчиликдан ҳоли бўлса, хиралик қўшилмаган ранг йўқ, носозлик аралашмаган уйғунлик йўқ. Биз яшаган дунёни камолот манбасидан парда ажратиб туради.

Комил гўзалликнинг хира кўринган, бироқ ўчириб бўлмайдиган сиймоси ёпиқ парда ортида, абадул-абад инсон қалбида яшаб қолади. Шу сабабдан ҳам ўша гўзалликнинг нурлари ранги ўчиб, биз яшаган дунёга ўтганда, бу бизнинг эътиборимизни тортади, ҳис-туйғуларимизни титратиб юборади. Шундай пайтларда ўша азалданоқ бор бўлган комилликнинг мавжуд эканини ҳис қиламиз, уни тўла табиатини онгимиз ўз ичига сиғдиролмайди. Кўринишлар гўё онгимизда лип-лип кўриниш беради ва биз ундан озод бўлолмаймиз. Биз ҳозирча бир лаҳзагина кўра оладиган нарсани бутун вужудимиз билан ҳис қилишни истаймиз.

Биз уни хира кўринишида кўра оламиз холос, чунки ҳалок бўлган туйғуларимиз комил нарсани ўз ичига сиғдиролмайди. Бироқ бу дунёда қолган гўзаллик, ҳатто булғанган бўлсада, чиндан ҳам буюк реаллик мавжудлигига бизни ишонтиради. Мана шу реалликни тушуниш ва гўзалликка етишиб бўлмаслигини билиш, бизнинг унга бўлган интилишларимизга жавобдир.

Гўзаллик идеалнинг реаллигидан далолат беради. Шакл, товуш ва ранг кўринмас идеалга қанча яқин бўлса, шунча чиройли бўлади. Идеал эса мутлақ асоснинг (абсолютнинг) мавжудлигини назарда тутади. Биз табиатда кўра оладиган, бузилган гўзаллик Афлотунга кўра соя бўлса агар, бу ҳолда табиатдан ташқарида ўша сояни берувчи реаллик ва унинг ортида ёруғлик бўлиши керак. Реаллик эса ҳар доим ўз аксидан муҳимроқ бўлади. Агар гўзаллик мавжуд бўлса, бу демакки Худо мавжуд ва Унинг режасига кўра, гўзаллик комилликни намоён этмоғи даркор. Гўзаллик – бу худди табиат ва санъат ортига назар солиш, бизнинг кўзга кўринмайдиган интилишимиз, орзуимиз бўлган, каттароқ реалликни тушунишга даъватдек гўё. Картина гўзаллиги диққат-эътиборимизни рассомга қаратади. Баданни жимирлатиб юборадиган хорал садоси фикр-ўйимизни композиторга қаратади. Тонг отиши, гулнинг очилиши, спортчининг мукаммаллиги, бургут парвози Яратгувчига ишора қилади.

Гўзаллик шунчаки Худога ишора қилибгина қолмай, Унинг хусусиятларини ҳам очади, бу хусусиятлар ҳатто имонлиларни ҳам ҳайратга солади. Идрок Унинг ҳаракатлари мантиқлилигидан далолат бергани, ахлоқий низом Унинг феъл-атворига ишора қилгани каби, гўзаллик, агар бу ҳақида ўйлайдиган бўлсак, Унинг ҳис-туйғуларини очади, – бу Худонинг қувончи, табассуми, кулгиси, завқидир. Гўзаллик Худога нима маъқул эканлигини кўрсатади, токи биз шунчаки мавжуд бўлиб эмас, балки ҳаётдан роҳатланиб яшайлик. Гўзаллик бизга воқелик аслида ҳақиқий механика эмаслигини очади. Унинг мазмуни – қувончдир ва биз буни бутун оламда кузатамиз. Ҳаётимизда кўриниш берадиган олий гўзаллик, ҳалок бўлган дунёдаги барча мусибатларга қарамай, унга ўзига хос маъно улашади.

Бу ҳақиқат эса натуралистларнинг нуқтаи назари фожиали эканлигини алоҳида кўрсатади. Мақсадсиз функционаллик оламини гўзаллик ифода этган юксак реаллик билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Клайв Льюиснинг болалар учун ёзилган “Кумуш курси” номли китобида Хмур исмли қаҳрамоннинг сўзлари буни жуда яхши ифода этиб беради. У ўз мамлакати остида, ернинг тубида жойлашган, зулмат, ғорлар ва ботқоқликлар оламида Ер ости ёвуз маликасига асир қилинган, уни сеҳрлаб қўйишган. У гўзал Нарнияни ва олтин арслон Асланни ўйлаб топганига деярли ишонади. Жодугар аёл унга бутун олам ўша қоронғи ғорлар эканлигини айтади. Афсундан озод бўлади ва мардонавор оҳангда, усталик билан: “Айтайлик, буларнинг ҳаммасини биз тушимизда кўрдик ёки ўйлаб топдик: дарахтларни, ўт-ўланни, қуёш ва юлдузларни ва ҳатто Асланни ҳам. Бу ҳолда уйдирма реалликдан яхшироқ ва муҳимроқ бўлиб чиқмоқда. Айтайлик, бу қоронғи жой – ягона дунё. Бу ҳолда у ҳеч нарсага ярамайди... Мен ўйинчоқ оламни сотмайман. Аслан билан қоламан, гарчи Аслан бўлмаса ҳам. Нарния бўлмаса ҳам, мен Нарния фуқароси каби яшайман”.

Натуралистлар Худони чиқариб ташлаб, ўзларини худди ўшандай, драматик, ажойиб, салобатли ва сирли нарсалардан мутлақо ҳоли бўлган ерости оламига маҳкум этишади. Имонлиларнинг гўзалликка тўла дунёси билан солиштирилганда, у ҳеч нарсага ярамайди.

Натурализм гўзалликни тушунтиришга ожиз. Натурализм оламида гўзаллик гўнг уюмидан ўсиб чиққан атиргул мисолидир. Агар ўша гўнг уюмидан бошқа ҳеч нарса бўлмаса, атиргул қаердан пайдо бўлиши мумкин? Аммо реаллик гўнг уюми билан чегараланмаса агар, атиргулнинг мавжудлигини тушунтириш осон, – агар гўнгга юқоридаги манбадан атиргул уруғи ташланган бўлса. Масиҳийларнинг нуқтаи назари мана шундан иборат. Худога ишонмайдиган одамлар ҳеч бўлмаса гўзалликнинг сохта тасаввур эмаслигини тасаввур қилиб кўришса, ёмон бўлмасди. Гўзаллик бизга ишонч бағишлайди, кўзга кўринадиган олам ортида биз ҳақимизда ғамхўрлик қиладиган, ҳақиқий қувонч нима эканини билишимизни истайдиган куч яшашига ишора қилади.

Бу ўринда эҳтиёт бўлиш лозим. Гўзаллик қалбимизга шу даражада кучли таъсир кўрсатадики, кўпчилик унда олий тажрибани кўришади ва олий реалликка ишора қилган нарсада комилликни топишга ҳаракат қилишади. Биз кўп одамлардан энг буюк руҳий ҳис кечинмаларни уларга табиат, санъат, мусиқа ва яхши кўрган инсони бериши ҳақида эшитганмиз. Бу ерда Худо улашган инъом инсон қалбида Худонинг ўрнини эгаллайди.

Бошланғич манбасидан ҳоли бўлса агар гўзалликнинг ўзи бизга абадий қувонч бера олмайди. У бизни қувонч сари етаклайди холос. Худо бизга гўзаллик улашади, токи у бизни Унинг ҳузурига олиб келсин. Гўзалликнинг ҳақиқий моҳиятини биз Худо билан мулоқотда бўлганимизда биламиз.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Гўзаллик бизнинг фақат тушунчамизда мавжудми? Нима учун?

2. Натурализм тарафдори нуқтаи назаридан гўзаллик бу нима?

3. Натурализмда “гўзаллик” тушунчаси реалликни қай тарзда тескари ўгиради?

4. Натуралистлар нима учун гўзаллик ўз асосида бирламчи режа мавжудлигини назарда тутишини тан олишмайди?

5. Масиҳийлар нуқтаи назаридан “гўзаллик” бу нима?

6. Гўзаллик қандай қилиб ғайритабиий нарсага ишора қилади?

7. Нима учун гўзаллик ўзи уйғотган интилишларни қаноатлантиришга қодир эмас? Бу интилишларни нима қаноатлантира олади?

8. Нима учун табиат билан муносабатда руҳий комилликка эришиб бўлмайди?

ЕТТИНЧИ БОБ

КОИНОТ ФАЗОВИЙ ТАСОДИФ ТУФАЙЛИ

ПАЙДО БЎЛГАНМИ?

Орамизда кўпчилик, ёзги тунда майса устида ётиб, сирли ёғду таратаётган осмонга синчиклаб қараганини эслай олишади. Сон-саноқсиз осмон жисмлари ва юлдузлар туркумидан Қутб юлдузини, Катта Айиқни, Сомон йўлини ахтариб топардик. Ҳайрат билан осмонга тикилганимизда бизни таажжублантирадиган жиҳат шуки, фазода миллиарддан зиёд бўлган галактикалардан биридаги мавжуд юлдузларнинг кичик қисмини кўрамиз, холос. Биз ўзимизни арзимас заррадек англаб, сайёрамиз эса – ҳар томонга ёйилган, бепоён Коинотда ғубор мисоли эканлигини тушунамиз.

Ана шунда хаёлларимиз боши берк кўчага тақалади. Бирон нарсанинг охир-поёни бўлмаслигини тасаввур қилолмаймиз, чунки ҳамма нарсанинг охири бор. Агар Коинотнинг охири бор десак, – чегараси девор билан ёки улкан парда билан ўралган деб тасаввур қилсак, бу ҳолда савол туғилади: чегара ортида нима бор? Коинотни, унинг охирини ҳам, бепоёнлигини ҳам тасаввур қилолмаймиз. Онгимиз бепоёнликни ўз ичига сиғдиролмайди.

Вақт борасида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Вақтнинг бошланишини ҳам, охирини ҳам тасаввур қилолмаймиз. Биз тасаввур қила оладиган ягона нарса бу нисбатан узоқ муддат. Негаки тажрибамизда ҳамма нарсанинг боши ва охири бор, абадият борича тушунолмаймиз.

Коинотни ташкил этган материя ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. У ҳар доим бор бўлганми, ёки ўтмишнинг бир палласида пайдо бўлганми? Биринчи тахминни ҳам, иккинчисини ҳам имконияти чегараланган онгимиз ўз ичига сиғдиролмайди. Катта портлаш назарияси ҳам бу саволни очиқ қолдиради. Коинотнинг пайдо бўлишига замин яратган, ўша портлашни келтирган материаллар бирикмаси қаердан келди? Бироқ энг кўп баҳсларни келтирадиган савол ҳаётнинг келиб чиқиши билан боғлиқ. Ҳаёт тасодиф туфайли пайдо бўлганми ёки атайин яратилганми? Балки ҳаёт ҳар доим мавжуд бўлгандир, унинг бошланғич нуқтаси йўқдир. Бу каби саволлар Чарльз Дарвин ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги ўз назариясини таърифлаганидан кейин пайдо бўла бошлади. Ўша вақтдан бошлаб креационизм ва эволюция тарафдорлари ўртасида муросасиз баҳслар тўхтамайди.

Яратилиш, айниқса ҳаётнинг пайдо бўлишини тушуниб олмагунимизча, аниқликка етишолмаймиз.

Яратувчининг мавжудлигидан келиб чиқа оламизми? Ёки натуралистларда ҳам ўз далилларига мустаҳкам асос борми? Энг аввало эволюция (тадрижий ривожланиш) (эволюция) назариясини тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясининг нимаси ёмон?

Дунёвий одамлар орасида тирик жонлар оламига доир асосан эволюция (тадрижий ривожланиш) назарияси қабул қилинган. Бу назарияга Чарльз Дарвин томонидан “Турларнинг табиий танланиш йўли орқали келиб чиқиши ёки ҳаёт учун курашда мослашувчан турларнинг сақланиши” номли китобда асос солинган.

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назарияси турли, ўзгарувчан кўринишларда шаклланиб борди, моҳиятига келсак, у ҳаёт тасодиф туфайли пайдо бўлганини ўргатади. Яъни маълум бир қулай шароитларда, қандайдир йўл билан кимёвий унсурлар бирлашиб, ҳужайраларни ҳосил қилган. Электр қуввати унга ҳаёт бағишлаган ва у митоз схемаси бўйича бўлина бошлаган.

Аста секин ўша ҳужайралар кўпайиб, бошқа, янада мураккаб тузилмалар билан бирика бошлайди ва натижада ўсимликлар ва ҳайвонлар пайдо бўлади. Эволюция (тадрижий ривожланиш) давомида, миллионлаб йиллар ўтиб, айрим ҳайвонларда фикрлаш қобилияти ажралиб чиқади ва бора-бора тирик организмлар орасида энг олий поғона, онгли мавжудот – инсон пайдо бўлади.

Орамиздаги аксарият одамларда эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига доир келтирилган далилларни тушуниш учун илмий билим етишмайди. Шуниси борки, мазкур назарияга ён босган барча далиллар энг муҳим нарсадан диққат-эътиборни узоқлаштиради: табиий танланиш, мутация (ирсиятнинг ўзгариши) ни, тошга айланган нарсаларни ўрганадиган бўлсак, унинг тўғрилигига биронта ҳам исбот топмаймиз. Юқорида кўрсатилган ва шунга ўхшаш далиллар бошданоқ нотўғри қурилган таълимот атрофидаги нақш холос. Ўша безаклар ортида яширинган мазмунни кўриш учун илм-фан доктори бўлиш шарт эмас. Оддий соғлом ақл нуқтаи назаридан ҳам ушбу назария ноқис тасаввур маҳсули ҳисобланади.

Эволюция (тадрижий ривожланиш) қонунлар таъсирининг тўхташини назарда тутади, уларда эса танаффус ҳам, мустасно ҳолатлар ҳам бўлмайди. Ушбу назарияга кўра, табиий тартибни издан чиқарувчи учта ҳодиса юз берган. Улар қай тарзда юз берганини ҳеч ким кўрмаган, илм уларни кўрсатиб беролмайди, онг-тафаккур эса уларни ўз ичига сиғдиролмайди, шунга қарамай эволюция (тадрижий ривожланиш) мазкур ҳодисалар рўй берган бўлсагина, тўғри деб тан олиниши мумкин.

Уларни қисқача кўриб чиқайлик.

1. Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига кўра, бетартиб аралашмадан тартиб келиб чиқди. Бу тахмин бузилмас табиат қонунларига тўғри келмайди. Бетартиб аралашмадан тартиб ҳосил бўлолмайди. Бироқ назария тўғри бўлиши учун биз тартибсиз ҳаракатланувчи атом ва молекулалар мураккаб, тартибга солинган бирикмаларни ҳосил қилганига ишонишимиз керак. Бу эса тешик идишдан томчилаб тўкилган бўёқдан, дейлик Жаконда картинаси ҳосил бўлганига ишониш билан баробардир.

Бетартиб аралашмадан тартиб ҳосил бўлгани ҳақидаги ғоя энтропия ўсиши қонунига зид келади (термодинамика иккинчи қонуни). Ушбу қонунга кўра, макротизим мувозанат ҳолатга интилади. Бу шундай ҳолатки, энергетик ўзгаришлар давом этишига мутлақо йўл қўймайди. Ёки оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳаракат яхши ҳолатдан бошланиб, тобора ёмон ҳолатга қараб боради. Ўз-ўзига қўйиб берилган ҳамма нарса салбий томонга ўзгаради, ёмонлашади, бузилади. Ҳаёт ўлим сари боради, жонли нарса жонсизга айланади. Юлдузлар ғойиб бўлади. Сайёралар ўз орбитаси бўйлаб ҳаракатда секинлашади. Энергия сарфланади, заҳиралар тамом бўлади. Коинот муқаррар равишда оғир аҳволга келади.

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига кўра эса, энтропия қонуни таъсирида мустасно ҳолатлар юзага келади ва айрим ҳудудларда Коинот тобора тартибга кириб, уюшиб, самарадор бўлиб боради. Афсуски, ушбу назария тарафдорлари ҳеч бир ҳудудда ўсиш, ривожланиш бўлганини кузатишмайди, бунга илмий далиллар ҳам топилмайди.

2. Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига кўра, жонсиз нарсадан жонли мавжудотлар пайдо бўлган. Жонсиз материядан жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши соғлом ақлга ҳам, илмга ҳам зиддир: ўлимдан ҳаёт ҳосил бўлолмайди. Назария тажриба орқали тасдиқланмаган, гарчи бунга кўп маротаба ҳаракат қилинган бўлсада. Тарихда ҳеч ким жонсиз материядан ҳаёт ундиролмаган, ҳеч ким бундай ҳодисага гувоҳ бўлмаган. Назариячилар ҳужайралар даражасида ҳаёт пайдо бўлиши жараёнини икир-чикирларигача таърифлаб беришган, бироқ биронта инсон энг оддий организмни ҳам ярата олмаган, барча ускуналар билан таъминланган лабаратория шароитида ҳужайрани ҳам тирилтира олмаган. Илм, тажриба ва соғлом ақл шуни тасдиқлайдики: ҳаёт аввал мавжуд бўлган ҳаётдангина пайдо бўлиши мумкин. Фақат жонсиз унсурлар мавжуд бўлган Коинот жонсиз бўлиб қолаверади. Буни бошқача тасаввур қилиш илм-фандаги энг муҳим тамойилларни мутлақо тескари қабул қилиш билан баробардир.

3. Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига кўра, жонсиз материядан онгли инсон пайдо бўлган. Катта портлаш юз берганда онгли организмлар бўлмаган, бироқ аста-секин бетартиб аралашмадан энг мураккаб, онгли мавжудотлар пайдо бўла бошлади. Қандай табиий куч бунга олиб кела олади? Қайси илмий-табиий қонун жонсиз материядан ўз-ўзидан онгли мавжудот пайдо бўлишини тушунтириб беради? Жавоби фақат битта бўлиши мумкин: бундай куч, бундай қонун йўқ.

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясининг ушбу, энг муҳим қонунлари аслида мантиққа зиддир. Биздан талаб қилинган нарса, ҳеч нарсадан бир нарса пайдо бўлиши мумкинлигига, мотор ёқилғисиз, ўт олдиришсиз ишлай олишига ишониш. Ҳаммамиз мактабданоқ бундай бўлмаслигини биламиз. Илм ва соғлом ақл биргаликда (шундай бўлиши керак) натижа сабабдан устун бўлолмаслигини ўргатади. Биз улоқтирган тўпнинг тезлиги қўлимиздан узилган пайтидаги кўрсатгичдан ошмайди. Агар тўп қўлимиздан тушиб кетса, дастлабки нуқтаси, яъни қўлимизда турган баландликдан ошиб сапчиши амри маҳол. Товуққа бир килограмм буғдой бериб, икки килограмм тухум беришини кутолмаймиз. Модданинг реакцияга киришишдан кейинги ҳолати, реакцияга киришгандан олдинги ҳолатидан кўра оғир бўлолмайди. Жонсиз, бетартиб аралашмадан тартибга солинган ҳаёт пайдо бўлолмайди. Сабабият объектив ва умумийдир. Аммо эволюция (тадрижий ривожланиш) тарафдорлари биз мустасно ҳолат бўлганига ишонишимизни хоҳлашади, гарчи мустасно ҳолатларни ҳеч ким, ҳеч қачон кузатмаган, намоён этмаган бўлсада.

Фан ёки назария?

Эволюция ғояси асосида мантиқсиз Коинот фалсафаси ётади. Коинот, агар унда Худо бўлмаса, фақат шундай бўла олади (3-боб) ва эволюция (тадрижий ривожланиш) назарияси ушбу хулосанинг тўғрилигини тасдиқлаб беради. Кузатувларга, тажриба ва умумлаштиришларга асосланган илм бизга тартиб ва ўзгармас қонунларга бўйсунувчи оқилона Коинотни кўрсатади. Эволюция (тадрижий ривожланиш) ни тан оладиган бўлсак, биз очиқ-ойдин кўриниб турган нарсани рад этишимиз ва мантиқсиз фараз қилинадиган мустасноларни мантиқий сабабли боғланишдан кўра устун қўйишимиз лозим. Эволюционизм тарафдорлари бир вақтда ҳам илмни, ҳам илмга зид назарияни қабул қилиб бўлмаслигини тушунишади. Қарама-қаршиликка ечим топиш учун улар ҳаёт пайдо бўлганига оид илмий текширилган ўзларининг нуқтаи назарини ҳақиқат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилишади. Мисол учун, журналист Томас Хейден шундай дейди: “Эволюция (тадрижий ривожланиш) шунчаки “назария” бўлмай қолди. Бу оддий нарса ва худди очарчилик, муқаррар ўлим сингари, биологик асосга эга бўлган далил”.

Калифорния олийгоҳи ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси доктор Филлип Жонсон ўзининг бенуқсон мантиқли фикри билан кўплаб таниқли эволюционистларни ўйлантириб қўйган. У ушбу асоссиз фикрни жуда ночор маълумотлар асосида қилинган жуда катта хулосалар деб атайди. Илм селекция ва ташқи муҳит шароитларнинг ўзгариши таъсирида турларда модификация жараёни бўлиши мумкинлигини айтади. “Бироқ эволюционист-биологлар учун ўзгариш механизмини шунчаки тушунтиришнинг ўзи кифоя қилмайди, – деб ёзади Жонсон, – улар бошқа масала, яъни қушлар, гуллар ва инсон сингари мураккаб организмлар қандай пайдо бўлди, деган анча кенгроқ саволга жавоб беришга ҳаракат қиладилар”.

Турнинг шунчаки мослашувчанлиги турларни ва умуман ҳаётни мураккаблашиш билан боғлиқ узлуксиз жараён натижаси деб, бу даражада катта хулоса қилишга асос бўлолмайди.

“Неодарвинизм кенг маънода фалсафий таълимотдир, – давом эттиради Жонсон, уни тажриба йўли билан мутлақо асослаб бўлмагани боис, [Гарвард профессори] Стивен Жей Гулд бир марта мулоҳаза қилмасдан уни “қонунан ўлик”, деб атаган.

Материя ва ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги назариялар ҳақиқий илмга тўғри келмайди, негаки уларни илм билан тасдиқлаб бўлмайди. Илм асл маъносида табиатни тушуниш доирасидан четга чиқмайди. Борлиқнинг пайдо бўлишини фақат илмий воситалар билан тушунтириб бўлмайди, шундай экан, материя, ҳаёт ва онгли мавжудотларнинг пайдо бўлишига олиб келган ҳодисалар илмий тадқиқот доирасидан ташқарида ётади. Бош сабаб ҳақида маълумотлар олишнинг ҳам, воқеликни тушунтиришнинг ҳам табиий йўли мавжуд эмас. Борлиқнинг пайдо бўлиши ҳақида масала – бу илмга эмас, метафизикага доир масаладир.

Олимлар бутун борлиқнинг пайдо бўлганини тушунтиришга уринганларида, ёки ускуналари билан ўлчаб бўлмагани боис, Худонинг мавжуд эмаслигини таъкидлаганларида, табиат чегараларидан ташқарига чиқадилар. Агар Худо мавжуд бўлса, демак У ғайритабиий, бу эса Унинг табиий оламдан устунлигини, илмий воситалар билан ўлчанмаслигини назарда тутади. Худони табиатда топиш мумкинлигига ишониш сувдан қуруқ тош излашга ҳаракат қилиш билан баробардир. Олимлар илмий билимлар етмаслиги боис, табиий Коинотдан ташқарида ҳеч нарса бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаганларида, бу билан ортиқ даражада ўзларига ишонишларини кўрсатишади. Булар аслида, уфқ чизиғи ортида ҳеч нарса йўқ, чунки у ер кўзимизга кўринмайди, дейишимиз ёки балиқнинг ўзи яшаган ариқдан бошқа ҳеч қаерда сув йўқ дейиши билан баробардир. Олимларнинг фақат илмгина бизга мавжуд бўлган ҳамма нарса ҳақида жавоб беради дейиши, аслида маҳмадоналикдан бошқаси эмас. Агар маълумотлар етарли бўлмаса, якун хулоса қилмаганимиз маъқул. Борлиқнинг пайдо бўлиши муаммоси билан шуғулланган олимлар илм имкониятлари доирасидан ташқарига чиқишади, ўз исботини топмаган назарияни ҳақиқат ўрнида кўрсатиб улар ахлоқ меъёрларини бузишади.

Фалсафий фикрни далил ўрнида кўрсатиш билан эволюционистлар ҳамма қабул қилган илмий кузатиш ва исботлаш қоидаларига нисбатан беписандлик қилишади. Улар ўзларининг назариясини олдинга сурадилар, гарчи назарияси мантиқсиз ва энтропия тамойилига зид бўлсада. Олимлар қўллаб-қувватламаганларида агар, мазкур назария аҳмоқликдек кўринган бўларди. Улар эса ушбу назарияни, у жуда кераклиги учун, устун келаётган фалсафада ланг очилиб турган бўшлиқни ёпиш мақсадида қўллаб келишади. Агар оламнинг Худо иштирокисиз пайдо бўлганини тушунтириш зарурати туғилмаганида, эволюционизм ҳеч қачон бу даражада жиддий қабул қилинмас эди.

Кўп олимлар илмнинг реаллик борасида хулосалари тўғрилигига шу даражада ишонишадики, табиатдан ташқари бирон нарса борлиги ҳақида тахминларни ҳам мутлақо ўринсиз деб қабул қилишади. Шундай бўлсада ғайритабиий олам бизга ўзи ҳақида дамба-дам эслатиб туради.

Борлиқ мавжудотнинг пайдо бўлишига доир фақат иккита тахминни қабул қила оламиз, иккала тахмин ҳам ғайритабиий. Воқелик ё ўзига хос хусусиятларга эга, ёки мавжудотлар йўқдан пайдо бўлган. Иккинчи тахминни жиддий қабул қиладиганлар топилмаса керак, шундай экан, уни ўрганиб ўтирмаймиз. Соф натурализм нуқтаи назарига кўра, мавжудлик бўлиши мумкин эмас, чунки уни тушунтириб бўлмайди. Бироқ биз мавжудмиз, атрофимиздаги олам ҳам мавжуд. Борлиқни табиий равишда илмий ва оқилона йўллар билан тушунтириб бўлмаслигига қарамай, натуралист-олимлар ғайритабиий нарсаларнинг мавжудлигини тан олишмайди ва материянинг пайдо бўлишига оид масалани эътиборсиз қолдиришади. Улар буни ўз-ўзидан маълум нарса сифатида кўрадилар ва диққат эътиборни жонли мавжудотларнинг моддий дунёда эволюцион ривожланиш натижасида пайдо бўлганига қаратишади.

Олимларнинг ушбу шубҳали назарияга бундай ён босиши илмий усулни ҳам, илмий жараённи ҳам жиддий хавф остига солади. Агар олимлар объектив ҳақиқат тамойилини рад этишса, бу ҳолда илм борлиқ мавжудотни ўрганишда ишончли восита ҳисобланмай қолади. Агар энтропия қонуни осондан мураккаб сари ҳаракатланиш қонунига паралел равишда ишласа, агар материя йўқдан пайдо бўлса, агар энергия ўзини ўзи ишлаб чиқарса, агар ҳаёт ўз-ўзидан жонсиз материядан вужудга келса, бу ҳолда исталган сеҳр, мантиқсиз, ақлга тўғри келмайдиган нарса содир бўлиши мумкин. Агар Коинот шу даражада мантиқсиз бўлса, бу ҳолда илмий усулга ишониш мумкин эмас, илм асосида олдиндан кўриш, илмий юксалиш имконсиздир.

Яхши томони шуки, ҳамма ҳам бу даражада узоқлашиб кетмаган. Жуда машҳур олимлар ҳамкасбларининг фикрига қарши эканларини билдиришади.

NASA асосчиларидан бири доктор Роберт Жастроу мавжудот – бу илм ҳеч қачон ўргана олмайдиган сир эканлигини айтади. “Гарчи мен – агностик, Худога ишонмайдиган одам бўлсамда, инглиз астрофизика олими Э.А.Милннинг сўзлари ҳақида кўп мулоҳаза қиламан. “Биз жисмларнинг [бошланғич] ҳолати ҳақида тахминлар қилолмаймиз, – Худо оламни яратган пайтда гувоҳлар бўлмаган”, – дейди у”.

Ҳаётнинг пайдо бўлишига оид масала борасида Жастроу шундай ёзади: “Олимлар ҳаёт яратилиш натижасида пайдо бўлмаганини тасдиқлайдиган далилларга эга эмас, бироқ улар ўз касбларидан келиб чиққан ҳолларида ҳаётнинг пайдо бўлганига табиий олам доирасидан жавоб излашга мажбур”.

Ҳатто ўзини “Дарвиннинг бульдоги” деб атаган антрополог Томас Гексли ҳам илм Коинот Худонинг иштирокисиз пайдо бўлганини тасаввур қилолмаслигини тан олиб шундай деган: “Мен Коинот азалда бўлмагани, сўнг қандайдир азалдан мавжуд бўлган Зот томонидан олти кунда (ёки зумда) яратилганини тасаввур қилишда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман”.

Илм-фан, таълим ва оммавий ахборот воситаларида ҳукмрон доираларнинг аксарият қисми бу каби соғлом, тўқилмаган фикрларни мутлақо қабул қилмайди. Улар ғайритабиийликка ҳатто имкон ҳам берилмаслиги учун илмни ўз ихтиёрига бўйсундириб олишган.

Қазилма қолдиқлар ҳақида нима дейиш мумкин?

Эволюция рад этиладиган бўлса, бу ҳолда палеонтологларнинг вақти-вақти билан одамга ўхшаш мавжудотларнинг суякларини қазиб олишлари борасида нима дейиш мумкин? Агар булар антропоидларнинг қолдиқлари бўлса, бу билан эволюциянинг ҳақиқат эканлиги ўз исботини топмайдими?

Эволюционистларнинг фикрига кўра, бундай қолдиқлар эволюция назариясининг тўғри эканлигини тасдиқлайди. Аммо суякларнинг ўзи бундай хулосага асос бўла олмайди. Агар эволюция жараёни чиндан ҳам рўй берганида, суяклар бунга мисол бўлиб хизмат қиларди. Бироқ, қачонки эволюция далил сифатида тасдиғини топсагина суякларни исбот қилиб кўрсатиш мумкин.

Палеонтологлар хоҳлашгани боис, эволюцияни тасдиқлаш учун қазиб олинган қолдиқларни далил сифатида келтиришади. Аммо бундай таъриф объектив эмас ва бошқа тахминларни ҳисобга олмайди. Одам ёки маймун суягига ўхшаш суяк қолдиқларининг мавжудлиги улар чиндан ҳам одамлар ёки маймунларга тегишли бўлганини исботламайди. Улар одамдан мутлақо йироқ бўлган бошқа жонзотлар, мисол учун одамсимон ёки маймунсимон ҳайвонларнинг қолдиқлари бўлиши мумкин.

Узоқ ўтмишда ер юзида қанақа жонзотлар яшагани бизга номаълум, шу боис уларнинг қолдиқлари эволюция босқичларини исботлайди дейиш, мутлақо асоссиздир.

Олдиндан бирор фикрга келиб қўймаган олимлар учун палеонтологларнинг топилмалари одамнинг пайдо бўлгани ҳақида ҳеч нарса демайди. Француз палеонтологи Пьер-Поль Грассе шундай дейди: “Тошга айланган нарсаларнинг деярли йўқлиги боис... мураккаб тизимлар эволюцияси ҳақида ҳар қандай фикр фақат тахмингина бўлиб қолаверади. Бу далил эволюция ҳақида ёзилган ҳар қандай китоб учун эпиграф бўлиб хизмат қилиши лозим. Бевосита исботларнинг етишмаслиги турларнинг пайдо бўлишига доир асоссиз тахминларга олиб келади. Бизда мазкур фикрларнинг тўғрилиги ҳақида тахмин бўлсада, бирон нарса дейишимиз учун асос бўла оладиган ҳеч нарса йўқ”.

Британия табиатшунослик тарихи Музейи палеонтология бўлими бошлиғи д-р Колин Паттерсондан, нима учун унинг эволюция ҳақида китобида ўтиш турларига оид тошга айланган қолдиқларга намуналар кўрсатилмагани ҳақида сўраганларида, у шундай жавоб берган: “Агар тошга айланган ёки тирик ҳолдаги шундай намуналар менга маълум бўлганида, уларни албатта кўрсатган бўлардим. Сиз, рассом бир шаклдан бошқа шаклга ўтиш ҳолатларини тасаввур қила олиши лозим, дейсиз. Бироқ улар ҳақида маълумотларни қаердан олсин? Ростини айтсам, менда бундай маълумотлар йўқ, агар тасвирий уйдирмага йўл қўйсам, бу билан китобхонни йўлдан оздириб қўймайманми?”

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига содиқ бўлган олимларни ўтиш даврига оид, тошга айланган қолдиқларнинг йўқлиги кўп ташвишга солади. Бундай қолдиқлар улар қўллаган назариянинг тўғрилигини тўлиқ тасдиқлаган бўлар эди.

Ричард Доукинс “кембрий портлаши” ҳақида шундай ёзган: “[Тошга айланган қолдиқлар] эволюцион кетма-кетликда жойлашмаган. Бу ҳолат креационист учун қанчайин қўл келишини тахмин қилиш қийин эмас”.

Эволюцияни тасдиқловчи тошга айланган қолдиқларнинг йўқлиги Чарльз Дарвинни кўп ташвишлантирган. У шундай ёзган: “Назарияга кўра кўплаб ўтиш турлари бўлиши лозим эди. Нима учун биз ер қатламида уларнинг қолдиқларини топмаяпмиз? Нима учун табиатда биз ўтиш турларининг чалкаш ҳолатини эмас, аниқ тартибга солинган шаклларини кўрамиз?”

Эволюция жараёнини тасдиқлайдиган далилларнинг шу вақтга қадар топилмагани Оксфорд университети зоология фани мутахассиси Марк Ридлини қуйидаги хулосага келишга мажбур қилди: “Нима бўлган тақдирда ҳам ҳақиқий эволюционист тошга айланган қолдиқлар ҳақида маълумотларни (тобора ёки узук-узук) эволюцияни тасдиқловчи ва яратилишга қарши далил сифатида қўлламайди”. Шундай бўлсада, бу даражада соғлом огоҳлантиришларга қарамай, кўплаб палеонтологлар эволюцияга шу даражада садоқатлики, ўжарлик қилиб, етарли даражада аниқ бўлмаган, жуда оз ва аниқлаб бўлмайдиган намуналар асосида жуда катта хулосалар қилишда давом этмоқда.

Ҳозирги кунда олдиндан бирор фикрда бўлмаслик жуда қийин. Ҳаммамиз билимга интиламиз, бироқ ҳақиқатга осонлик билан эришиб бўлмайдиган пайтда ёки ҳақиқат ёқимсиз бўлганда, биз кўпинча ўз фикримизга уйдирмаларни қўшиб, уни исботланган далил ўрнида кўрсатамиз. Эволюция ҳам, барча фикрларга қарамай, далил эмас, балки назариядир. Жуда кўп ҳолатларда маълумотлар назария фойдасига талқин қилинади, бу назария улар учун бошланғич фикр бўлиб хизмат қилади. Аниқловчи тушунчанинг шакли алмашилиши изоҳ ўрнини эгаллаганда мантиқий хато юзага келади, – бу тавтология дейилади. Бу исботда очиқ-ойдин кўринган доирадир. Биз эволюция назарияси тўғри эканлигини биламиз, чунки эволюция жараёнидан ўтган одамнинг суяк қолдиқларини топдик. Ишончимиз комил: бу эволюция жараёнидан ўтган одамнинг суяклари, чунки эволюция назариясининг тўғри эканлигини биламиз. Афсуски, қазиб олинган қолдиқларда ёрлиқ бўлмайди. Шу тариқа, палеонтологлар буни ўз назариясига мувофиқлаштириб таърифлашади.

Ақидапараст-эволюционистлар мазкур суяклар одамнинг ривожланиш жараёнини кўрсатиб беради деган фикрда қаттиқ туриб олишган. Ақидапараст-креационистлар эса бу одамга ёки маймунга тегишли, ё бўлмаса мутлақо бошқа, қирилиб кетган турнинг суяклари эканлигини айтиб, ишонтиришлари мумкин. Иккала томоннинг ҳам фикри асоссиздир, ҳаммага маълум: ўликдан садо чиқмайди.

Ҳақиқат шуки, ҳеч ким бу суяклар кимга тегишли эканини аниқ айтолмайди. Бу борада тахмин қилишимиз мумкин холос.

Одамлар нима учун эволюцияга ишонишади?

Сиз ҳамма нарсани ҳаддан зиёд ошириб юбордик, деб ўйлашингиз мумкин. Назария биз кўрсатган даражада бемулоҳаза, илмдан йироқ бўлолмайди. У ҳозирги тафаккур сиймосига узвий боғлиқ ва ҳаддан зиёд оммалашган. Омма фикрини белгилаб берадиган олимлар, муаллимлар, ёзувчи ва файласуфларнинг аксарияти эволюционизм тарафдорлари ҳисобланади. Шунчаки қизиқувчан одамларнинг мутахассислар фикрини шубҳа остига солиши жуда қўпол ҳаракат деб баҳоланади. Биз қийин аҳволдамиз. Бир томондан билимимиз чегараланганини тан олмай иложимиз йўқ. Иккинчи томондан эса, нотўғри тушунчага эга, нуқтаи назари танқидга бардош беролмайдиган мутахассисларнинг фикри олдида чекинишга йўл қўймаслигимиз керак. Шу билан бирга, илмда мутлақо бемантиқ далиллар қўлланилган пайтда, табиийки, жим туриш ҳам нотўғри бўлади.

Тарихнинг ўзи кўпчилик томонидан қўлланилган нуқтаи назар кўпинча ҳақиқатга тўғри келмагани, кўпчилик томонидан қўлланилган фикрга қарши чиқишлар ҳамиша танқид остига солингани ва қораланганини кўрсатиб беради.

Галилей тортиш кучи барча жисмларга бирдек таъсир қилишини кўрсатиш учун, турли оғирликдаги шарларни Пиза минорасидан ерга ташлаган. Ҳақлигини инкор қилиб бўлмайдиган далиллар билан тасдиқлаганига қарамай, уни университетдан ҳайдаб юборишган, – унинг кашфиёти черков ва илм вакиллари томонидан қабул қилинган Арасту физикаси қонуниятига зид келар эди.

Коперникка қадар барча университетларда осмон жисмлари Ер шари атрофида айланади, деб ўргатишган. Гарчи Коперник мазкур назариянинг нотўғрилигини кўрсатган бўлсада, икки юз йил давомида унинг қўлёзмалари черков томонидан тақиқланган, чунки мазкур далил Ер шари Коинотнинг маркази дейилган умумий қабул қилинган фикрга қарши чиқар эди. Бу ерда таълимотга, дастурларга ва китобларга ўзгартириш киритишнинг ўзи кифоя қилмасди. Энг муҳими – иззат-ҳурматга эга бўлган ўқитувчилар бутун умри давомида нотўғри назарияни қўллагани ва ўргатиб келганини тан олишларига тўғри келар эди.

Фикр, уни қанча одам қўллашидан қатъий назар, хато бўлиб чиқиши мумкин. Бироқ тарих яна бир нарсани кўрсатиб беради: хато фикр, ҳатто жуда оммалашган тақдирда ҳам, узоқ яшамайди. Эволюционизмни қўллаб, соғлом ақлга тўғри келадиган муқобил фикрларга эътибор бермаган олимлар бугун ўз обрўсини сақлаб қолишлари мумкин. Бироқ охир-оқибат ушбу назария ҳалокатга учраганда (бу муқаррар рўй беради), тарих эволюционистларни, алхимияга, қон чиқаришга ишонган, ер шарини ялпоқ деб ҳисоблаган одамлар билан бир қаторга қўяди.

Файласуф ва “Панч” журнали муҳаррири Малколм Маггеридж шундай деган: “Шахсан мен эволюция назарияси ҳамда у эгаллаган доиралар бир кун келиб энг кулгили латифалардан бирига айланишига ишонаман. Биздан кейинги авлодлар бу қадар шалоқ, шубҳали тахмин одамлар томонидан қандай қилиб, бу даражада осон қабул қилинганидан ажабланишади”.

Галилей давридан буён инсон тафаккури анча ошди, аммо инсон табиати ўзгарганича йўқ. Агар ҳақиқатга эришиш осон бўлмаса, одамлар ҳозир ҳам ўзлари яхши кўрган назарияга ёпишиб олишни афзал билишади. Улар унга худди болалар яхши кўрган ўйинчоғига ёпишгандек, тирмашиб оладилар, уларни қайтариш учун эса одатда далил-исботларнинг ўзи кифоя қилмайди.

Назария кучга тўлганда ҳеч қандай мулоҳаза, ҳеч қандай ҳақиқат унга қарши туролмайди. У устунлик қила бошлагач, бошқа нуқтаи назарлар шунчаки эътибордан четда қолади ва кўпинча очиқчасига, душманларча рад этилади. Ҳаммага тарқалган фикр худди бегона фикрни йўқ қиладиган ҳимоявий антитаналар ишлаб чиқаргандек бўлади. Мисол учун, маълум бир ирқ (ёки жинс) вакиллари қандайдир жиҳати билан бошқасидан устун бўлиши мумкинлигини айни пайтда ошкор қилиш, муҳокама қилиш ва объектив тарзда ўрганиб бўлмасди. Бунга йўл қўйилиши мумкинлиги ҳақида ҳар қандай ишора одамлар ўртасида тенглик ғоясига қаратилган таҳдид сифатида қабул қилинган. Тадқиқотлар натижалари қанчалик объектив, қай даражада асосли бўлмасин, уларнинг кўриб чиқилиши даргумон.

Ижтимоий фикр ҳақиқат қабул қилиниши йўлида катта тўсқин бўлиб қолади. Ҳақиқатнинг одамлар онгига ўрнашган фикрни ўзгартириши жуда қийин кечади. Орамизда аксарият одамлар биз қай даражада нотўғри тушунчага эга эканлигимизни ҳатто тасаввур ҳам қилмайди.

Эволюционизм қандай қилиб ҳукмрон фикрга айланди? Чарльз Дарвин бу назарияни ўзининг “Турларнинг табиий танланиш йўли билан пайдо бўлиши” номли китобида (1859) олдга суради. Бу назария Томас Гексли, Жордж Бернард Шоу ва бошқа, обрўли мутафаккирларнинг эътиборини тортганидан кейин кенг тан олинди. Мазкур шахслар бунда атеизмни қўллайдиган интеллектуал далилни кўришди. Журъат ва мустақил фикрни намоён этишни истаганларнинг ҳаммаси эволюцияга ишона бошлади.

Дадил ғоялар ҳар доим қизиқиш уйғотиб келгани боис, эволюционистлар дарҳол матбуотда катта ўрин эгаллаб олишди. Ўқимишли жамият ва Худога ишонмайдиган одамлар ўртасида эволюцияга ишонувчилар кўпайгандан кейин, жамиятнинг катта қисми ушбу назарияни, у қай даражада ақлга мувофиқлигини текшириб ўтирмасдан, қабул қилди. Улар учун ушбу назариянинг ҳурмат-эътибор қозонган одамлар томонидан маъқуллаши кифоя эди.

Бу назарияга асосан диний консерваторлар қаршилик кўрсатишди. Улар Муқаддас Китоб креационизмини қўллашарди. Бу таълимот оламнинг Худо томонидан яратилганини ўргатади. Вақт ўтиб, эволюционизм дин-эътиқодни сиқиб чиқарди ва шахсий фикр даражасига тушириб қўйди.

Ўша вақтдан бери ташаббус эволюционизм тарафдорларининг қўлида. Улар мазкур назариянинг бемантиқлигини, ундаги ожиз томонларни яшира олишди, ғирромлик билан уни дин-эътиқодга зид далил қилиб кўрсатишди: эътиқодга далилларни қарши қўйишди. Жамиятда имонлиларни диний эътиқоддан воз кечишга иродаси етмайдиган, эси паст, қовоқбош одамлар ўрнида кўра бошлашди. Ҳатто ҳозир ҳам оммавий ахборот воситалари эволюционизм тарафдорларини замон билан баравар қадам босган интеллектуаллар, уларга қарши чиққанларни эса – жоҳил, онги қолоқ одамлар ўрнида кўришади.

Ҳамманинг илмий билим қудратига ишониши эволюционистлар учун қўл келди. Илм шу даражада муваффақият қозондики, кўп одамлар унинг имкониятлари чексиз деган фикрга бориб қолди. Кимдир бора-бора илм инсоният қарши олган барча муаммоларга ечим топади, ўлимни ҳам енгади ва ер юзида янги жаннат яратади деб ҳисоблайди. Шу тариқа, олимлар масиҳийлар тушунчасидаги Худога эҳтиёж йўқлиги ҳақидаги назарияни олдинга сурганларида, кўпчилик буни катта йўқотиш деб билмади.

Илм-фан ғамхўрлик қилиб турган пайтда, уларга худолар керак эмас.

Идрокни қурбон қилиш

Ушбу бобда эволюция назариясининг оммалашгани сабабини кўрсатишда калит вазифасини ўташи мумкин бўлган ғоя ҳақида айтиб ўтилди. Эволюция шундай нарсани таклиф этадики, унинг эвазига кўпчилик соғлом ақлдан воз кечишга тайёр. Улар олам устида Худо бўлмаслигини хоҳлашади ва эволюционизм уларга айнан шундай Коинотни таклиф қилади.

Олимлар томонидан илм билан тушунтириб бўлмайдиган Худонинг мавжудлиги ҳақидаги ғояни рад этиш учун ақлсиз назариянинг ҳақиқат деб қабул қилиниши ғалати кўриниши мумкин. Кўплаб олимлар самимий суҳбатларда буни очиқчасига тан олишган. Бунга мисол сифатида кўпинча Лондон университети профессори доктор Д.М.С.Уотсоннинг сўзлари келтирилади. У шундай деган: “Эволюция унинг ҳақиқатлиги мантиқий изчиллик билан тасдиқланиши мумкинлиги учун эмас, балки муқобил, яъни оламнинг яратилганига ишониш ақлга сиғмаслиги боисгина қабул қилинган”. Бошқача қилиб айтганда, доктор Уотсон бизда эволюциянинг ҳақиқатлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги, шундай бўлсада унга ишонишимиз, акс ҳолда олам Худо томонидан яратилганига ишонишга мажбур бўлишимизни, биз бунга ишонишни истамаслигимизни айтади.

Доктор Уотсоннинг сўзлари ажаблантиради. Бу билан у, гарчи ўзига маълум бўлишича, Худога ишонмасликка сабаб сифатида, мазкур назария илмий тасдиқ топмаган бўлсада, барибир унга ишонишини очиқ тан олади. Унинг нуқтаи назари биз билдирган фикр, яъни оламнинг пайдо бўлиши илм эмас, метафизика масаласи деганимиз тўғри эканлигини тасдиқлайди. Эволюция далил эмас, балки фалсафа далилидир ва унга кўра табиатдан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас. Доктор Уотсоннинг эътиқоди илмий эмас, у фалсафага яқин. Унинг фалсафаси бўйича оламнинг яратилганига ишониб бўлмайди. Мазкур ғоя илмга тўғри келмайди, шу тариқа у эволюция назариясини қабул қилди, – у илм томонидан тасдиқлангани учун эмас, балки унинг фалсафий нуқтаи назарига мос бўлгани боис.

Олимлар доктор Уотсон сингари метафизика ва ғайритабиий нарсалар борасида фикр билдирганларида, бу билан ўз доирасидан ташқарига чиқишади, бундан келиб чиқадики, уларнинг хулосалари эксперт хулосаси ҳисобланмайди. Олимлар ўз нуқтаи назарини тасдиқлайдиган фалсафани қўллаш учун ўзларининг мартабасини ишга солишади. Шу тариқа уларнинг билдирган фикри оддий футболчи, ҳисобчи, рассом, сувоқчи ёки рок-қўшиқчининг фикридан устун эмас.

Уотсонни маъқуллайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ундан ташқари, бошқа машҳур олимлар ҳам дунёнинг яратилганига бошқа муқобил бўлгани боисгина ушбу назария, гарчи нуқсонлардан ҳоли бўлмасада, унга ишонишларини тан олишган.

Гарвард университети биология фани профессори Жордж Уолд ҳам Уотсоннинг фикрига жўр бўлиб, шундай дейди: “Ҳаётнинг пайдо бўлишини фақат иккита омил билан тушунтириш мумкин. Бири – ўз-ўзидан пайдо бўлиш ва эволюция, бошқаси – ҳаётнинг Худо томонидан, ғайритабиий йўл билан пайдо бўлиши. Учинчи омил йўқ. Жонсиз материалдан микроорганизмларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлгани ҳақидаги назария 120 йил аввал Луи Пастер ва бошқалар томонидан рад этилган. Шу тариқа фақат битта омил қолади – ҳаётнинг Худо томонидан, ғайритабиий йўл билан яратилиши. Мен буни фалсафий нуқтаи назар билан қабул қилолмайман, негаки Худога ишонишни истамайман. Бундан келиб чиқадики, мен ўзимга маълум бўлишича, илмий нуқтаи назардан мумкин бўлмаган омилга, яъни ҳаётнинг ўз-ўзидан пайдо бўлгани ва эволюцияга ишонишни афзал биламан”.

Машҳур генетик Ричард Луонтин шундай ёзган: “Биз илмнинг айрим томонлари ҳақиқатдан ҳам бемаъни бўлганига қарамай, соғлиқ ва ҳаётга доир бениҳоя даражадаги ваъдалари рўёбга чиқмагани, илмий жамият мутлақо асоссиз фикрларга бепарво қарашини билсакда, унга ён босамиз, чунки биз учун бошқа нарса анчагина муҳим – материализмга мухлислик қилиш. Илмий усуллар ва аниқланган нарсалар бизни оламни материализм нуқтаи назар билан қабул қилишга ундагани учун эмас, балки аксинча, материализмга оид аввалдан билган нарсаларимизга мухлислик қилишимиз бизни асбоблар яратишга ва концепциялар тизимини ўрганишга чақиради. Булар эса, билимсиз одамлар учун қанчалик тушунарсиз ва мураккаб бўлишидан қатъий назар, ҳамма нарсани материалистик нуқтаи назар билан тушунтиради. Бундан ташқари, материализм – мутлақ асос ўрнида кўрилади, чунки биз Худонинг Ташаббусини қабул қилолмаймиз”.

Исбот-далиллар йўқлигига қарамай, табиат қонунларига тўғри келмаслик, эволюцияда очиқ-ойдин кўринган мантиқсизлик ва пойма-пойлигига қарамай, натурализм тарафдорлари уни тўғри деб туриб олишган, негаки бу оламнинг Худо томонидан яратилганига қарши бирдан-бир муқобил бўлиб қолмоқда. Мана шундай ўжарликни оқлаш учун улар қайсарлик кўрсатишади, бир кун келиб оқилона тасдиқлар топилиши, эволюцияга доир барча шубҳаларга барҳам берилишига кўр-кўрона ишонишади. Аммо бундай исбот-далилар топилмаган тақдирда ҳам, барибир ҳеч нарса ўзгармайдигандек кўринади. Кўпчилик ғайритабиий ҳодиса эҳтимолини йўққа чиқариш учун ўзларига маъқул бўлган назарияни қўллашда давом этади.

Одамлар далилларга ва мантиққа асосланмаган ҳолда Худони рад этишади, – ўзлари шуни хоҳлаганлари боис Уни рад этишади. Улар Худо ҳақида ҳамда Унинг инсон ҳаёти устидан ҳокимлиги ҳақида ғояларни қабул қилишмайди. Улар Худонинг реаллигини тан олишса, Унинг олдида масъулиятни ҳам ўз бўйниларига олишга мажбур бўлишларини тушунадилар, бу эса уларнинг хоҳишига зиддир, негаки улар мустақиллигини сақлаб қолишни истайдилар. Одамлар ғайритабиийликдан ҳоли бўлган, бошқа нарсага ишонишни хоҳлашади, ўша бошқа нарсани улар эволюциядан топишган: агар биз паст жонзотлардан келиб чиққан бўлсак, демак олий ҳокимият олдида ҳисобдор эмасмиз.

Олимларнинг ҳаммаси эволюционистми?

Олимлар ўртасида эволюция назариясини беихтиёр қабул қилганлар сони камайиб бораётгани, назарияни чуқурроқ ўрганиш, унга танқидий ёндашиш ўз меваларини бераётганининг аломатлари кўринмоқда. Фикр қилувчи олимлар унинг бемантиқлиги ва ноқислигини топмоқдалар. Албатта, улар бирин-кетин Худога ишона бошлаганлари йўқ, эволюция назариясини ҳам тўлиқ инкор этганлари ҳам йўқ, бироқ улар ниҳоят ундаги тўғрилаб бўлмайдиган камчиликларни кўра бошладилар. Уларнинг айримлари, ҳамкасблари томонидан кўпинча бош кўтарганларга қарши қўлланиладиган чора билан таҳдид солинганига қарамай, ўз фикрларини билдиришга журъат топмоқда. Эволюция назарияси ҳаддан ташқари ожиздир ва илмий жамият мустақил фикр билдирилишини кўтаролмайди.

Британия табиатшунослик тарихи музейи доктори Колин Паттерсоннинг мана шундай объективлик кўрсатгани нимага олиб келганини кўпчилик билади. Унинг 1981-йилнинг 5 ноябр санасида Америка табиатшунослик тарихи музейидан ташриф буюрган ҳамкасблари олдида чиқиши ғазаб туғёнини келтириб чиққани маълум. У оддий савол билан, яъни: “Сизлар эволюция назариясида чиндан ҳам ҳақиқат бўлган бирон нарсани биласизларми”, – деб мурожаат қилган.

Бошқа бир инглиз, астрофизик, сэр Фред Хойл ўз китобида шундай ёзган: “Ер юзида ҳаёт ибтидоий организмлар аралашмасидан пайдо бўлганини тасдиқлайдиган бирорта объектив гувоҳлик йўқ.” Эволюция (тадрижий ривожланиш) назариясига қаттиқ ён босган канадалик зоолог д-р Майкл Руз, 1993-йили Америка уюшмаси томонидан илм-фанни ривожлантириш учун ташкиллаштирилган анжуманда дарвинизм илм тамойилларига қанча бўлса, фалсафий тахминларга ҳам шунча асосланишини тушуниб етганини тан олиб, бу билан барча тингловчиларини лол қолдирди.

Агар олимлар қаторида холис ёндашадиган, кашф этганларини қўрқмай айта оладиган, фикрловчи одамлар пайдо бўлса, дунё яқин кунларда эволюция назариясининг ноқис эканлигини билиб олади. Ҳаётнинг келиб чиқишига доир бошқа тасаввур навбатдаги бобда кўриб чиқилади.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Нима учун “катта портлаш” назарияси материя пайдо бўлганини тушунтиришга ожиз?

2. Ҳаёт ва онгли мавжудотлар жонсиз материя эволюциясидан ҳосил бўлгани ҳақидаги назариянинг камчилиги нимада?

3. Нима учун эволюция илмий далил деб ҳисоблана олмайди?

4. Қазиб олинган инсон суякларига ўхшаш қолдиқлар эволюция назариясининг тўғрилигига тасдиқ бўла оладими? Нима учун?

5. Нима сабабдан ҳақиқат кўпинча бекитилади?

6. Нима учун соғлом фикрловчи одамлар эволюция назариясини, унинг бемантиқлиги, тасдиқ-исбот топмаганига қарамай, маҳкам ушлаб олишган?

7. Нима учун олимларнинг эволюция назариясини маъқуллаши илмнинг ўзига таҳдид солади?

САККИЗИНЧИ БОБ

ЭЪТИҚОДНИНГ ОҚИЛОНАЛИГИ

Муқаддас Китоб ҳам “катта портлаш” билан бошланади. Битта, қисқа жумлада у ҳаёт қандай пайдо бўлганини – натуралистик эволюцияга муқобил тарзда кўрсатиб беради. Унда бутун борлиқ Худо томонидан яратилгани ҳақида айтилган: “Худо азалда осмон билан ерни яратди”, – дейилади (Ибтидо 1:1).

Албатта, номасиҳийлар бунга ишонишмайди. Улар яратилишни афсона деб ҳисоблашади ва шу орқали оддий одам учун тушунарли қилиб етказилган дейишади. Бошқаларнинг айтишича, токи илм-фан мазкур ғоянинг нотўғрилигини фош этмагунича (худди қачонлардир ер ялпоқ ҳисоблангани сингари) у умумий тарзда қабул қилинаверади. Муқаддас Китоб нуқтаи назарини қўллашни давом эттирганлар – билимсиз, дунёқараши чегараланган, эътиқодидан ташқари ҳеч нарсани кўрмайдиган, ўша эътиқодининг ноқислигига доир рад қилиб бўлмайдиган далилларга қарамай, Худонинг ёрдамидан воз кеча олмайдиган одамлар ўрнида кўрилади.

Бировлар учун эса Муқаддас Китоб воқеаларининг тўғри ёки нотўғрилиги ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Улар Муқаддас Китобни умуман қабул қилишмайди, бунга улар билган масиҳийларнинг хунук феъл-атвори сабаб. Улар имонлилар жамоатига борганларнинг тоқат қилмаслиги ва иккиюзламачилигини, жамоат хизматчилари ва телевидение орқали чиққан воизларнинг ахлоқий бузуқлигини кўрган ва: “Агар масиҳийлик шу бўлса, уларни елкамнинг чуқури кўрсин”, – деган қарорга келишган. Улар Муқаддас Китоб таълимотини етказувчилар ҳеч нарсага ярамаган тақдирларида ҳам, Муқаддас Китобнинг ўзи ҳақиқатни ўргатиши мумкинлигига ишонишмайди.

Бироқ Худога ишонмайдиган одамлар Муқаддас Китоб ҳақида нима дейишларидан қатъий назар, унда натурализмга реал муқобил мавжуд. Масиҳий бўлмаган, аммо ҳаётда аниқликка эришишни истаганларга эса Муқаддас Китобга нисбатан шу вақтга қадар шаклланган ишончсизликни енгиш, ундаги таълимотни жиддий қабул қилиш керак бўлади.

Идрокимиз чегараси

Айрим одамлар учун яратилиш ҳақида ғояни қабул қилиш осон эмас, негаки Муқаддас Китоб яратилиш жараёнига ҳеч қандай тасдиқ-далил келтирмайди. Агар Ибтидо китобини ёзган одам унга ишонишларини хоҳлаганида, нима учун далиллар, рақамлар, формулаларни ёки дейлик, тенглама ва чизмаларни келтирмаган?

“Азалда” дейилгани билан энг азалда нима бўлгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бу ерда Худонинг тилга олиниши, гўё Унинг мавжудлиги ўз-ўзидан маълум ҳодисадек кўрсатилиши, Худо чидан ҳам мавжуд эканлигига исбот бўлолмайди.

Бир қараганда Муқаддас Китобда оламнинг яратилиши ҳақида маълумотларни эволюциядан кўра оқилона деб бўлмайди. Биринчи ҳолатда ҳам, иккинчисида ҳам азалданоқ бир нарса бўлгани назарда тутилади. Эволюцияда бу материя бўлса, Муқаддас Китобда – Худо. Иккала ҳолатга ҳам илмий исбот топиб бўлмайди, негаки ўз-ўзидан мавжуд бўлиш концепцияси илмий ўрганиш доирасидан ташқарида.

Нима учун материяга эмас, Худонинг ўз-ўзидан мавжудлигига асосланиш тўғрироқ ҳисобланади? Бизда Унинг мавжудлигига оид тажрибага асосланган тасдиқ-далиллар йўқ, ҳозирги одамнинг эса онгли, ғайритабиий, боши ва охири бўлмаган, онгли зот мавжудлигига ишониши қийин. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, Худо ҳақида ғоя оламнинг пайдо бўлиши ҳақида натурализм назарияси сингари, соғлом ақлга зид келади.

Ҳа, Худони ҳам, табиий пайдо бўлишни ҳам оқилона далиллаб бўлмайди. Биз бу ерда мулоҳазалар бизга ёрдам беролмаслигини тан оламиз. Биз тунги осмонни ва кучсизлигимизни, охири йўқ макон ва замонни ақлимизга сиғдиролмаслигимизни эслаймиз. Масиҳийлар ҳам, натуралистлар ҳам оламнинг яратилишига доир иккала тахминий фикр ҳам инсон ақли етиб бўлмайдиган даражада чуқурлигини тан олишга мажбурдир. Булар ақлга бўйсунмайдиган нарсалар. Соғлом ақл нимаики мавжуд бўлса, бир нарсадан келиб чиққани, яъни бир нарса уни келтириб ҳосил қилганидан далолат беради. Бироқ бу ҳамма нарсанинг бош сабаби, ўзининг сабаби бўлиши лозимлигини билдиради. Мавжуд нарсанинг бош асоси бўлмагани ақлимизга сиғмайди, буни эса натуралистик ва теистик муқобиллар назарда тутади. Инсон онги ўз-ўзидан ҳаракатланувчи материяни ва унда ўз-ўзидан ҳаёт, онг-тафаккур, эзгулик, гўзаллик пайдо бўлишини ҳам, ўз хусусиятларига эга Худони ҳам, Унинг хоҳиш-ихтиёрга кўра табиий олам пайдо бўлганини ҳам қабул қилмайди. Шунинг учун ғоялардан бири ҳақиқатга муносиб бўлиши лозим, зеро мавжуд нарсаларнинг боши бўлмиш ибтидосиз келиб чиқишни англашнинг имкони йўқ.

Гарчи онгимиз ушбу концепцияларни тушунолмасада, идрок уларнинг бири тўғрилигини айтади. Ва у танлай олади ҳам. Ғояни тушуниш уни ҳақиқат деб қабул қилиш учун қатъий шарт ҳисобланмайди.

Эдвин Эббот ёзган роман қаҳрамонлари – қоғоз варағидан ҳам ингичга, текис оламда яшовчи, икки ўлчамли мавжудотлар. Улар учинчи ўлчовни (баландлик) тасаввур қилолмайди, негаки буни улар ўз тажрибаси ва ҳаётида синаб кўришмаган. Аммо уларнинг бири учинчи ўлчам мавжудлигини кашф этади, гарчи унинг қандай эканлигини тасаввур қилолмасада. Худди шу сингари биз ҳам, вақтга бўйсунганимиз боис, вақт билан чегараланмайдиган нарсани тасаввур қилолмаймиз. Биз яшаган дунё нуқтаи назарида, лаҳзалар бирин-кетин, ўтмишдан айни вақтга, сўнг эса келажак сари бир-бирининг ўрнини эгаллаб боради, ҳамма нарсанинг боши ва охири бўлиши лозим. Ибтидосизлик ғояси бизнинг тажрибамиз ва оқилона англашимиздан ҳоли. Идрок тафаккурга бўйсунмайдиган икки концепциядан танлаш зарурати олдида турганимизда нима қилишимиз керак? Танга ташлаб қарор қиламизми ёки агностизм нуқтаи назарида тўхтаб, уни умуман қабул қилмаймизми? Агар ўзимизни ҳурмат қилсак, бунақаси бизга тўғри келмайди. Бироқ ўзимиз тушунган нарсанигина қабул қилиш мумкин дейиш, катта хато бўлади. Биз ақл билан мутлақ ҳақиқатни бутун кенглиги ва чуқурлигича қамраб ололмаймиз. Идрок ва мантиққа суянишга ўрганган одамга ҳақиқатни тушуниш текширилмаган ҳудудга қадам босишни талаб этишини тан олиш учун журъат керак.

Оқилона тушунтириш мумкин бўлган нарса билангина ўзини чегаралаб қўйиш болани ҳимоя қилиш учун, қоронғи хонага қамаб қўйиш билан баробардир. У итлардан, ари ва маст ҳайдовчилардан бехатар бўлади, бироқ ривожланишдан тўхтайди. У қуёш нуридан, ўт-ўландан, капалакнинг парвоз қилишидан қувонч ҳис қилмайди. Агар ўзимиз тушунадиган нарсаларнигина тан олсак, бизнинг эътиқодимиз шундай “бехатарликка” мубтало бўлади. Биз инсон онги ташқарисида ҳақиқатни ва реалликни таниб-билиш қувончини ҳис этмаймиз.

Одамлар бир нарсага ишонишдан аввал уни тўлиқ тушунишни истаганларида, бу билан ўзларини Худо билан бир қаторга қўйишади. Улар ақл-идрокини олий поғонага қўйишади, унинг воситасида ҳамма нарсани ўлчаш мумкин деб ўйлашади.

Ўзининг ақл-идроки уларнинг назарида мутлақ асос вазифасини ўтайди. Аммо инсон идроки бундай даражадан анча узоқ. У мавжудотларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ жуда катта масалага жавоб бериш у ёқда турсин, кундалик ҳаётда учрайдиган энг оддий саволларни ҳам ечолмайди. Биз ҳисобда адашамиз. Калитларни қаерга қўйганимизни билмай қоламиз. Кроссворд ечолмаймиз. Ва шу билимимиз билан Худонинг табиатини тўлиқ тушунишни истаймизми? Ва умуман, агар Худо бизнинг онгимиз даражасида бўлганида, эътиборга лойиқ бўлмаслиги тайин эди.

Ҳаётимизнинг мазмунини кўрсатадиган, аниқлик берадиган объектив, олий ҳақиқатни тушуниш учун биз ўзимизни инсоний идрок имкониятлари билан чегаралай олмаймиз. Биз ўзимиз тушунадиган нарсадан ҳам чуқурроқ қарашга журъат топа олишимиз зарур. Ўз-ўзида асос топган сабаб бўлиши мумкинлигини тасаввур қилолмаймиз, бироқ унинг зарурлигини тан олишимиз мумкин. Идрок билан материя мангулигини тушуниб бўлмайди ва ҳақиқат бўлишга даъвогарлик қилган натурализм ғоясига хос бундай фикрни ўрганиб, у уни соғлом ақлга зид эканлигини тан олиши ва рад этиши лозим. Шунингдек, у бетартиб материя ўз-ўзини тартибга солгани ва ҳаёт, онгли жонзотларни, гўзаллик ва мақсадни ҳосил қилганини ҳам қабул қилолмайди.

Бошқа томондан, инсон тафаккури боши ва охири бўлмаган олий идрокни тасаввур қилишга ҳам ожиздир. Аммо ўзида бор маълумотлардан келиб чиқиб, у Худонинг мавжуд бўлиши зарурлигини тан олиши мумкин, негаки бошқа ҳеч нарса материя, ҳаёт ва тартибнинг мавжудлигига асос сола олмасди. Мана шу объектив зарурат асосида идрок одамни оқилона тушунишдан у ёғига, яъни ишонч билан қадам босишга даъват этиши мумкин.

Ишонч қадами

Ишонч – бу тафаккур доирасидан ташқарига босилган қадам. Ишонч орқали биз идрок ўз ичига оладиган доирадан ташқаридаги шоҳликка кирамиз. “Имон” сўзининг ўзи ақлан ишонадиган одамга қанчалик ёқмаслигини тасаввур қиламиз. Бундай муносабатнинг сабаби уни нотўғри тушунишдир. Биз ишонч – ақлга қарши деб ҳисоблашга ўрганганмиз. “Имон” дейилганда, кўпинча далиллаб бўлмайдиган, далиллар билан тасдиқланмаган ва соғлом ақлга зид бўлган маълум бир нуқтаи назарга кўр-кўрона эътиқод қилиш деб кўрсатишади.

Бундай изоҳ ҳақиқатдан йироқдир. Ишонч ҳеч қачон соғлом ақлга ва далилларга зид бўлмайди, у уларга тўғри келади. Ишонч – номаълумликка сакраш эмас, у идрок ортидан эргашади. Идрок йўналтиради, ишонч эса таъсир кўрсатади. Идрок берадиган маълумотлар асосида ишонч амалий хулосалар қилади. Агар идрок – ёритгич бўлса, ишонч – унинг нуридир. У зулматни ёриб ўтади, хулосаларни ёритади. Идрок ҳақиқат деб қабул қилган ҳолатдан ишонч келиб чиқади. Идрок жар ёқасига келган пайтда, у имонга ўтиши лозим бўлган кўприкни кўрсатади. Байола университети, фалсафа фани профессори Ж.П.Морленд айтганидек, ишониш – идрокимиз ҳақиқат деб билган нарсага суянишни англатади. Идрокка асосланмаган, кўр-кўрона имон мақтовга ҳам, ишончга ҳам лойиқ эмас. У худди қоп-қоронғи хонада қадам босишга ўхшайди – қаттиқ ер каби бўлган ҳақиқатга оёқ қўйишингизга ҳеч қандай кафолат йўқ.

Худо ва натурализм ўртасидаги танлов ишонч ва идрок ўртасидаги танлов билан баробар дейиш, масала мазмунини бузиб кўрсатишдек гап. Ишонч идрокка қарши эмас, улар иттифоқдош: ишонч идроксиз ўз таъсирини йўқотади, идрок эса ишончсиз ҳеч қандай кучга эга бўлмайди. Натуралистлар ўз хулосаларига муҳокама орқали, имонлилар эса – ишониш орқали келади десак, адашмасак керак. Юқорида айтилганидек, иккала томон оламнинг пайдо бўлиши ҳақида саволга ҳам жавоб излашда олинган маълумотларни кўриб чиқишади, муҳокама қилишади ва имкониятларни тахлил қиладилар. Хулосалардан келиб чиқиб, иккала томон ҳам ишонишга ўтади. Худони танлаган одамлар ишонч қадамини босадилар. Натурализмни афзал кўриб, улар ҳам ишонч қадамини босадилар.

Оқилона Коинотда иккала нуқтаи назар объектив ва ҳақиқат бўлолмайди. Тўғри дунёқараш соғлом ақлга зид эмас ва далиллар билан тасдиқланади, бошқаси эса аслида қоронғуликка қадам ҳисобланади. Худо ва натурализм ўртасида танлов ишонч асосига идрок далилларини ёки холис бўлмаган объектив фалсафий нуқтаи назарни қўйиш қарорига олиб келади. Бизнинг вазифамиз иккита муқобилдан қайси бири чиндан ҳам тўғри эканини аниқлашдан иборат.

Биз уларни солиштиришимиз ва қайси бири реалликка тўғри келиши, қайси бири изчил, қайсисида қарама-қаршиликлар борлиги, қайси бири бизнинг сезги тажрибамизга мос ва соғлом ақлга мувофиқлиги, қайси бири ҳаёт, онг, тафаккур, ахлоқ, маъно ва гўзаллик каби нарсаларни тушунтиришини аниқлашимиз зарур.

Олдинги бобларда биз мазкур саволларга бир-бирига қарши бўлмаган жавобларни фақат Худодан топиш мумкинлигига далиллар келтирдик. Ёки мутлақ асос, бутун реалликнинг бош пойдевори Худо, ёки реаллик ноаниқ ва тушунтириб бўлмайдиган нарса. Мана шу сабабдан биз гарчи Худонинг ўзига хос хусусияти инсон идроки учун тушунарсиз бўлсада, ўша идрокнинг ўзи Худонинг мавжудлигини объектив зарурат деб тан олади. Худо ҳақида концепция идрокка зид эмас, мантиқсиз ҳам эмас, у идрок доирасидан ташқарида ва мантиқсизликдан юқорида.

Гарчи Худонинг мавжудлигини тушуниб етолмасакда, қўлимиздаги маълумотларни ўрганиб, биз Илоҳий зот бўлиши керак деган хулосага келамиз. Худога ишонмайдиган одамларни жонсиз материядан ташқари, ҳеч нарса бўлмаган, қоронғи Коинотда аллақандай бирламчи ҳаракат бўлгани ҳақида ғоя билан қаноатланишади. Бироқ бу тасаввур ҳаёт, тартиб, энергия, мақсад, қувонч, севги ва гўзаллик мавжуд бўлган Коинотимизга тўғри келмайди, – табиат буларни ҳосил қилишга ожиз. Уларнинг реаллиги бизни оддий заррачалардан кўра, кўпроқ Худонинг реаллигига ишонтиради.

Замонавий микроспокларнинг узоқни ажрата олиш кучи уларни кўриш учун етарли эмас, аммо уларнинг мавжудлиги ҳақида хулоса бизга атомларга таъсир кўрсатиш имконини беради, бунга фақат ўшандай заррачалар сабаб бўла олади. Худо кўзга кўринмайди, бироқ биз Коинот ҳодисаларига қараб Унинг мавжудлиги ҳақида хулоса қила оламиз, Худосиз Коинотда бундай ҳодисалар юз бермас эди.

Биздаги маълумотлар тушунчамиз доирасидан ташқарида онгли асос борлигидан далолат беради. Биз бундай Худони тасаввур қилолмаймиз, бироқ онгимиз Унинг зарурлигини тан олади. Инглиз олими, масиҳий Г.К.Честертон Худони қуёшга қиёслаган: унга қараб бўлмайди, бироқ усиз ҳеч нарсани кўриб бўлмайди.

Имкониятлар кенгайиши

Кўп одамлар Худога ишонишга қаршилик қиладиган кўринади, негаки имон бехатарлик ҳиссига тортиб олади, бу ҳисни уларга Коинот, унинг қонунлари, табиати, доираси ҳақида тасаввурлар беради. Инсон онгига сиғмайдиган, назорат қилиб бўлмайдиган нарса борлиги ҳақида тахминлар уларда ноқулайлик, ишончсизлик уйғотади. Агар табиий олам тушунарли бўлса, уни олдиндан айтиш мумкин бўлса, ғайритабиий оламни қўл билан пайпаслаб бўлмайди, уни олдиндан айтиб бўлмайди, у хаёлий, эркин ва сеҳрга яқин. Худога тааллуқли неки бўлса, замонавий ил доирасига сиғмайди ва бундан келиб чиқадики, скептиклар буни рад этишади. Улар ўзларини қамаб олган мана шу чегаралар уларни қулайлик ва ишончлилик билан таъминлайди. Буни сақлаш учун улар Худони фантазия ўрнида кўрадилар.

Кўзларини маҳкам юмиб улар ғайритабиий нарса бўлмаслигини исташади, гарчи унинг мавжуд эмаслигига далил-исботлари бўлмасада. Бироқ тахминий ҳақиқат сизга ёқмагани учунгина, ундан кўз юмиш қанчалик тўғри? Агар у ҳақиқат бўлса, ундан шунчаки юз ўгириш мумкин эмас. Сиз кўрмаган нарсани, шунчаки бўлишини истамаганингиз учун, мавжуд эмас деб, қатъий туриб олиш бемантиқликдир.

Қачонлардир марҳум астроном Карл Саган, ўзининг “Космос” номли телешоусини очишда: “Космос – бу бор нарса, бўлган ва ҳамиша бор бўладиган борлиқдир”, деган. Бу каби сўзлар ақидапарастлик ва ўзига ортиқ даражада ишонишдан далолат беради. Одам илм кўрсатиб берган Коинотдан бошқа ҳеч нарса йўқлигига қандай ишониши мумкин? Бу асоссиз фикр илмнинг чексиз имкониятларига бўлган эътиқод ва тасдиқланмаган ишончга суянади. Биз илм тушунтира олмайдиган жуда кўп нарсалар мавжуд бўлгани боис, бу каби қатъий оҳангда гапириш ўринсизлиги ҳақида гапирдик. Агар ғайритабиий олам мавжуд бўлса, ўз-ўзидан маълумки, унинг табиий оламга таъсирини тушунишимиз осон бўлмайди.

Антрополог ва файласуф Лорен Айсли қалам билан ўргимчак инига тегингани ва ўргимчакнинг нима қилишини кузатганини таърифлайди. Ўргимчак учун унинг ини – бутун оламидир. Ўргимчак ўз олдида турган одам ҳақида ҳеч нарса билмайди, унинг оламига мана шундай кириб кела оладиган ташқи куч нима эканлигини тушунмайди ҳам. Ўргимчак сезги органлари чегаралангани боис, одамнинг ким эканлигини билмайди, одам эса ўз навбатида ўргимчакни ҳеч қийинчиликсиз ўргана олади. Юқоридаги зот ўзидан пастда турганни тушунишга қодир бўлади, аксинча эмас.

Табиат олами билан чегараланган ҳолда нима учун Коинот бизнинг сезги органларимиз имконияти доирасидан чиқиши мумкинлигига ишонмаслигимиз керак? Нима учун биз табиатдан устун бўлган олам табиат қонунига бўйсунади деб ўйлаймиз? Афлотуннинг айтишича, назаримизда мавжуд эмасдек, ожиздек кўринган руҳий олам бизнинг оламимиздан кўра муҳимроқ ва мустаҳкамроқ бўлиши мумкин. Биз яшаган олам муҳимроқ реалликнинг шунчаки бир сояси бўлиши мумкин. Ғайритабиий оламни ақлимизга сиғдира олмаслигимиз, уни мавжуд эмас дейишимизга сабаб бўлолмайди.

Реалликни кўриш

Худонинг мавжудлиги мантиқий асосга эга дейиш, масиҳийларнинг дунёқарашини қабул қилиш билан баробар эмас. Муқаддас Китобда тушуниш қийин бўлган нарсалар жуда кўп. Бир нарсани тушунтириш мумкин, бошқасини эса йўқ. Ишонишдан аввал ўша қийин жойларга тўлиқ аниқлик киритиб олиш керакми? Албатта йўқ. Худони олий Ҳоким, мутлақ асос деб қабул қилиш зарур. Қолган ҳамма нарсалар ўша асосда ўз ўрнини топиб олиши учун, барча деталларни тушуниш талаб этилмайди.

Биз масиҳий бўлганимиздан кейин, Муқаддас Китоб таълимотига доир масалаларда бошқа масиҳийларнинг фикрини қабул қилишга мажбурмизми? Асло. Қолаверса, бунга эришиб ҳам бўлмайди, негаки масиҳийлар ўртасида кўп масалалар бўйича бири-биридан фарқли фикрлар олдга сурилади. Масиҳийлар бутун тарихи давомида ваҳийларни, мўъжизаларни, ибодат ва башоратларни, оғриқ ва сажда қилишларни бир хил қабул қилишмаган. Шундай бўлсада, улар Худонинг мавжудлиги, Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлигига оид фикрда якдиллар.

Оёғимиз остида ишончли асос борлигини тушуниб, биз иккинчи даражали нарсаларнинг ҳаммасини четга суришимиз мумкин; у Унинг мавжудлигига доир асосий ҳақиқатга бўлган эътиқодимизга зарар етказмайди. Бундай ёндашув фақат масиҳийларгагина хос эмас. Ўз таълимотининг асосий ғоясига содиқ эволюционистлар ҳам худди шу тарзда исботлай олмайдиган деталларни ишонч билан қабул қилишади. Кўпчилик етишмаган ҳалқа бир куни топилишига, қадимий одамнинг қолдиқлари деб кўрсатилган суяклар, чиндан ҳам қадимий одамга тегишлилиги, энтропияга қарши очилмаган тамойил мавжудлигига ишонишади. Бироқ эволюционистлар билан масиҳийлар ўртасида фарқ шундаки, эволюционистларнинг ишончига далиллар йўқ. У чорасиз қолган ҳолда, қайсарлик билан натурализм фалсафасига таянади. Ақлга асосланмаган, ноқис назария бўла туриб, у соғлом ақлга зид, реалликка тўғри келмайдиган далилларга таянади. Бу кўр-кўрона ишониш бўлиб, унда идрокка ҳам, далилларга ҳам эътибор қилинмайди. Бу Худога бўлган ҳақиқий ишончнинг нақ тескарисидир.

Худонинг Ўзи мутлақ асос бўлса агар, барча деталлар ўз ўрнини эгаллаб, яхлит оқилона, биз ҳис қилган реалликка зид бўлмаган дунё манзарасини ҳосил қилади. Худонинг мавжудлиги ҳақидаги ғояда далилларга, соғлом ақл ёки илмга зид ҳеч нарса йўқ. Илм оқибатнинг тизимли даражаси сабаб даражасидан баланд бўлолмаслигини айтади, креационизм эса Коинот ундан мутлақ устун бўлган Худо томонидан яратилганини кўрсатади. Илм энтропия тамойилини шакллантиради; креационизм азалда мавжудот мукаммал бўлгани, аммо унга зарар етказилгани, бунинг оқибатида у тобора ёмонлашиб борганини таъкидлайди. Илм жонли мавжудот жонли материядан пайдо бўлишини айтади; креационизм ҳаёт абадий Худонинг хусусияти эканлиги, Худо уни Ўз ижодига улашганини таъкидлайди.

Бизни ҳаётнинг реаллиги ва ҳаёт жонсиз материядан ҳосил бўлгани ҳақида ғоянинг ақлга тўғри келмаслиги ишонишга ғайратлантиради. Ҳаётнинг пайдо бўлишига бирдан-бир сабаб бош сабабнинг ўзига хос хусусиятидир, яъни Худонинг Ўзи. Фақат креационизмгина олам тартиби ва илмга мувофиқдир.

Худони олий, мутлақ асос сифатида қабул қилиш учун, идрокка тажриба асосида олинган маълумотлар керак эмас. Бу ишончли, оқилона хулоса ишонишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Агар Худони мутлақ асос ўрнида кўрмасангиз ва натурализм нуқтаи назарини қўлласангиз, сизнинг олам ҳақида тасаввурларингиз олам ҳақида илмий тасаввурга мос келмайди. Жонли мавжудотлар худди қандайдир режага мослашгандек, қонунлар худди тартибга бўйсунгандек, ахлоқий низом худди меъёр сифатида қабул қилингандек, гўзаллик тушунчаси худди маъно касб этгандек, идрок далиллари худди аҳамиятлидек ва ҳақиқат худди тўғридек. Аммо, натуралистлар нуқтаи назаридан буларнинг ҳаммаси тасаввуримиз маҳсули холос. Улар ўзларини бизнинг назаримизда тартибли ва англашилган нарсалар аслида мазмунсиз ва мақсадсиз механизм эканлигига ишонтиришади. Шундай қилиб, ҳаётнинг сабабчиси – Худо деб ҳисоблашга асослар, абадий материянинг ўз-ўзидан ҳаракатлангани ва ундан эволюция келиб чиққанига ишонишдан кўра оз эмас. Агар биз шунчаки тахминлар қурганимизда, мазкур фикрларни бирдек ҳақиқат ҳисоблашимиз мумкин бўларди. Иккала нуқтаи назар тарафдорлари ҳам Коинотнинг пайдо бўлишини бизга маълум табиат қонунлари асосида тушунтириб бўлмаслиги, бунинг сабаблари табиат доирасидан ташқарида эканлигини тан олишади.

Навбатдаги қадам сифатида иккала нуқтаи назардан қайси бири реаликка кўпроқ тўғри келишини аниқлаб олиш зарур.

Олдинги бобларда айтилганидек, бизнинг фикрлаш қобилиятимиз, ахлоқ, виждон, оламнинг тартибга бўйсуниши, гўзаллик ва маъно тушунчалари шак-шубҳасиз Худога ишора қилади. Биз яшаган оламга доимий, кўзга кўринадиган таъсирдан биз Унинг мавжуд эканлигини хулоса қилишимиз мумкин. Биз идрок, ахлоқ, гўзаллик ва мақсад механистик Коинотда ўз-ўзидан пайдо бўлолмаслигини исботладик. Бошқача хулоса қилиш мутлақо мантиқсиз бўлар эди, негаки илм қонунларига мувофиқ бўлмаган эволоюция мазкур тушунчаларнинг пайдо бўлишини тушунтириб беролмайди. Худога ишониш нафақат оқилона, балки объективлик жиҳатидан зарур ҳамдир.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Муқаддас Китобда ёзилган илк жумланинг маъноси нимадан иборат?

2. Худога ишонмаган одамлар оламнинг Худо томонидан яратилгани ҳақидаги ғояни қабул қилмаслигини қандай тушунтиришади?

3. Нима учун креационизм эволюционизмдан кўра мантиқсиз ҳисобланади?

4. Инсон идроки қайси жиҳатдан чегараланган?

5. Ҳақиқий ишончнинг моҳияти нимада?

6. Ишонч ва идрок нисбати қанақа?

7. Саволларга жавоб бўлмаганда, маълумот етишмаганда ёки шубҳалар пайдо бўлган ҳолатларда, масиҳийларнинг нуқтаи назари қанақа бўлиши лозим?

ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

ХУДОНИ ҚАНДАЙ БИЛИШ МУМКИН?

Ҳаётда ҳар биримизда, юрагимизда бўшлиқ ҳис қилган пайтлар бўлади, – бизга нимадир етишмайди ва биз унинг нима эканлигини аниқлай олмаймиз. Биз дилимизга қониқиш берадиган нарсани излаймиз, аҳамиятли бўлишга ҳаракат қиламиз. Бу дунёда туғилган ҳар бир одамнинг қалбида саволлар бўлса керак: Мен кимман? Менинг вазифам нима? Мен билан кейин нима бўлади? То ўзлигимизни англаб, мақсадимиз, тақдиримиз нимадан иборатлигини билиб олмагунимизча, тинчлик тополмаймиз. Мана шу учта саволга тўғри жавоб топганимизда, ҳаётимизга аниқлик киради. Натуралистлар жавоб ҳам, аниқлик ҳам тополмаслигини тахмин қилишимиз мумкин. Уларнинг мулоҳазаси тахминан шундай қурилади:

Мен кимман? Мен – абадий мавжуд бўлган жонсиз материяга кўрсатилган тасодифий кучлар натижасиман. Аслида менда, дейлик: тош, қўнғиз, дарахт ёки бошқа мавжуд нарсалардан ҳеч қандай устун томонлар йўқ.

Менинг вазифам нима? Коинот тасодиф туфайли пайдо бўлгани боис, ундан ҳеч қандай олий мақсад кўзланмайди. Шу тариқа, мен ҳам тасодиф туфайли дунёга келганим боис, менинг ҳаётимдан ҳам ҳеч қандай мақсад кўзланмаган.

Мен билан кейин нима бўлади? Тақдир белгиланган вазифани назарда тутади. Тасодифий пайдо бўлган Коинотда мақсад бўлиши ҳақида ғоя хаёлий бўлгани боис, – кейин ҳеч нарса бўлмайди ва мен бутун Коинот сингари изсиз ғойиб бўламан.

Албатта, бундай жавоблар ҳеч кимни қаноатлантирмайди. Натурализм ғоясини қўллайдиган одамларнинг уларга муаммо ечимини ваъда қилган янги ғоялар, фалсафий ва психологик тизимлар ҳақида қизиқиб бораётганидан ажабланмасак ҳам бўлади.

Трансцендентликни излаб

Маъно излаб одамлар кўпинча боши берк кўчага олиб келадиган йўлларни танлашади. Масалан, биз ҳар доим жавоб – ичимизда дейилишини эшитамиз. Биз ёлғизлик ва бўшлиқ ҳис этамиз, – дейишади бизга, – бизга трансцендент етишмагани учун эмас, адекват “мен – концепция”ни шакллантирмаганимиз учун. Бизнинг адабиётимиз, психологиямиз, фильмларимиз ва ҳатто ҳажвияларимиз ҳам шахснинг мана шундай, ўз-ўзини аниқлашига бағишланган. Мисол учун, офис эшигида қолдирилган шундай мактубга қандай қарайсиз: “Ўзимни излагани кетдим. Агар қайтиб келишимдан аввал келсам, менга қайтиб келгунимга қадар кутишимни айтиб қўйинг?”

Оммабоп психология тарбиямиз, ижтимоий умидларимиз, диний чегараларимиз ва ўзимиздаги неврозлар бизга таъсир кўрсатиши, атрофдагиларнинг умидларига мос бўлиш учун, тақиб олган ролли ниқобларимиз остида асл табиатимизни яширишни ўргатади. Ролларни ўйнаш бизни шу даражада чалкаштириб юборадики, биз аслида қанақа эканлигимизни билмай қоламиз. Ниқобмизни ечиб, асл юзимизни кўрсатганимизда эса, бегоналик ҳиссидан озод бўламиз ва ўзимизнинг “менимизни” тиклаймиз.

Аслида эса бу содир бўлмайди. Ўз-ўзини баҳолаш ва реализация қилиш бўшлиқни тўлдирмайди. Гарчи бундай машқлар ўз эҳтиёжларини тушунишда бошланғич нуқта сифатида фойдали бўлсада, ўз табиатини очиш муаммони ҳал қилмайди. Бизнинг охир-поёнимиз бор, бизнинг табиатимиз чегараланган. Бизнинг маънони тушунишга бўлган интилишларимиз унга бўлган қобилиятимиздан устун келади. Ҳатто ўзимизнинг “менимизни” топиб, кашф этганимиздан роҳатланган тақдиримизда ҳам, бу узоқ вақтга етмайди. Эртами, кечми ўз табиатимиз тубига шўнғиб унинг мангу қониқиш бера олмаслиги, ҳаддан зиёд майда эканлигини пайқаб олишимиз муқаррар.

Бошқа кенг тарқалган нуқтаи назар жавоб – ташқарида, деб ўргатади. “Бир марта яшайсан – роҳатланиб қол!” - пивонинг эски рекламасидаги бундай ёзув - материалистик-гедонистларнинг нуқтаи-назаридир. Яъни ҳаётдаги бўшлиқларни ўйинчоқлар, эрмак, роҳат, лавозим ва мавқелар билан тўлдир.

Бироқ бу ҳам иш бермайди. Атрофимизда ҳеч нарса қалбимиз эҳтиёжини қаноатлантира олмайди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Пегги Ли биз қандай қилиб роҳат излашга ҳаракат қилиб, бўшлиқни ушлашимиз ҳақида қўшиқ ёзган. У қўшиғида реклама қилинган ҳар хил нарсаларда, циркдан бошлаб (болаликда) ишқий муҳаббатгача (ўсмирликда) ўзига қаноат топишга интилганлари ҳақида айтади. Бироқ бошдан кечирганларининг биронтаси ваъда қилинган нарсани бермайди ва у савол билан мурожаат қилиб: “Бори шуми?”, дейди. Агар бошқа ҳеч нарса бўлмаса, рақсга тушишни давом эттирамиз”. Бу сўзларда умидсизлик эшитилади. Хулоса шуки: бўшлиқ мангу давом этади ва ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Уни ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди ва бу ҳақда ўйламаслик учун бизда “рақсга тушишдан” бошқа чора йўқ. Чалғиш. Яшаш. Бир нарса билан шуғулланиш, бирон нарса сотиб олиш, бир нарсалар қилиш, мақсад – қалбдаги ўша жарликка қарамаслик.

Бироқ бу ёрдам бермайди. Ошқозон ғулдираши бизга овқатланиш вақти келганини эслатгани сингари, қалбдаги оғриқ ҳам, қанча ўзимизни овутмайлик, эътиборимизни ўзига тортаверади.

Етишмаётган унсур

Агар биз ўзимизнинг ҳақиқатимизни яратиб, уни ўз ишончимиз билан тасдиқлай олганимизда, қалбимиздаги бўшлиқни исталган нарса билан тўлдира олардик. Бироқ нима қилмайлик, етарли бўлмайди. Жарлик ҳамма нарсани ютаверади, тўймайди. Биз ўзимизнинг реаллигимизни ярата олмаймиз, чунки ҳақиқий реаллик аввалдан мавжуд. Қалбимиздаги бўшлиқ ўша ҳақиқий реаликка мўлжалланган. Бу худди бошқотирмага ўхшайди: бўш жойга фақат битта унсур тўғри келади. То унинг ўзини топмагунингизча, манзара тўлиқсиз бўлиб қолаверади.

XVII асрда яшаган француз файласуфи Блез Паскаль инсон қалбидаги ўша бўшлиқни “Худо яратган вакуум” деб атаган. У шундай хулосага келган: инсон Худога ўша, бўшлиқни тўлдириши лозим бўлган унсур деб тан олиб, Унга юз бурмагунича, ички чанқоғини қаноатлантиролмайди. Худо – мутлақо олий асос бўлиб, ҳар бир одамнинг ҳаётига тушунча улашади. Худо – унинг асосида туриб, мустаҳкамлиги ва яхлитлигини таъминлайдиган тамал тошдир.

Ушбу китобда биз идрок одамни муқаррар равишда Худонинг мавжуд бўлиши кераклигини тушунишга қандай олиб келиши ҳақида сўз юритдик. Юқорида тушунтирдик, ушбу ҳақиқатнинг тўғрилигига мутлақ, олий асос ва бутун мавжудотнинг манбаси бўлмиш Худога бўлган ишонч асосланади.

Энди биз сизларга ўша Худо ҳақида гапириб бермоқчимиз: Унинг кимлиги, қандай хусусиятларга эгалиги, биз билан қандай муносабатда бўлишни исташи. У билан яқин муносабатлардагина биз ўзимиз тўғримизда, вазифамиз, бўлғуси тақдиримиз ҳақида саволларнинг жавобларини топамиз. Уни шахсан таниб билиб, биз идрокка очилган аниқликни ҳис қиламиз.

Кўп одамлар Худони қандайдир, узоқда яшайдиган, ҳаётимизга аралашмайдиган зот деб тасаввур қилишади, бироқ Муқаддас Китоб бизга мутлақо бошқа Худони очади. Табиати яхлит бўлган мутлақ комил зот (Абсолют), У уч шахсдан иборат. Худода ўзаро муносабатларда чексиз севги сақланади. Учала Шахснинг дунёга бўлган муносабатларида Худонинг мавжудотларга бўлган севгиси ҳам намоён бўлади.

Эр-хотин фарзандли бўлишни истагани каби, Худонинг учала шахси ҳам ўзаро муносабатларига хос севгиси кенгайишини хоҳлайди. Шу тариқа Худо Ўзига ўхшаш, Ўз қиёфасидай қилиб одамзодни – эркак ва хотинни яратди, – уларга севги кўрсатиш, улар томонидан севилиш учун. Худо илк одамларга бурун тешикларидан пуфлаб, жон ато этди [Ибт. 2:7], уларнинг ҳаёти мазмунига айланди ва ҳаётини маъно ва севгига тўлдирди. Худонинг режасига кўра илк одамлар комил ҳаётга эга бўлгач, доимий қувончда яшар эди.

Муқаддас Китобда Худо билан одамлар ўртасидаги муносабатлар тавсифи Худонинг режасига кўра бу муносабатлар қандай бўлиши лозимлигини кўрсатади. Худо – отага, акага, яхши кўрадиган инсонга, ўз суруви ҳақида ғамхўрлик қиладиган чўпонга ўхшатилади.

Муқаддас Китобда Худо билан Унинг халқи ўртасида муносабатлар кўпинча никоҳга ўхшатилади. Ушбу метафоралардан мақсад ўз-ўзидан аён: Худо Ўзи яратган одамзод билан қувонч ва севгига асосланган муносабат қуришни хоҳлайди.

Унинг режасига кўра севги бутун мажудотни ҳаракатга келтирувчи куч бўлмоғи лозим. У одамзодни яратди, токи одамзод Худо унга улашган севгини атрофга ёйсин. Биз нафақат У билан, балки бир-биримиз билан ҳам муносабат қуриш учун яратилганмиз. Бу муносабатлар турли-турли кўринишда бўлиши мумкин: қўшни аёл бир пиёла шакар узатади, дўстлар спорт мадончасида мусобақа қилишади, яқин дўстингиз сизни охиригача тинглашга тайёр, ота-оналар болалар билан дўстона муносабат сақлашади, эр-хотинлар бир-бирига содиқ ва вафодор бўлишади... Бундай муносабатлар бизни яшнатиб юборади, негаки инсон ўша муносабатлар учун яратилган. Худога ва бошқа одамларга бўлган бундай меҳр-муҳаббат инсон ҳаётига маъно улашади. Илк одамлар Худо билан яқин муносабат сақлаб келгунларига қадар, Худонинг севгиси уларни тўлдириб, ўзаро муносабатларини ҳам, атрофдаги дунё билан муносабатларини ҳам уйғунлик тарк этмаган. Тушуниб етилган ҳаёт уларга тўла қониқиш олиб келар, одамлар ҳеч нарсада камчилик сезмасди.

Бузилган муносабатлар

Шак-шубҳасиз, бир нарса содир бўлган. Ҳозирги реал ҳолат бахтли уйғунликда ҳаёт кечираётган, фароғатга етишган дунё манзарасидан йироқ. Агар Худо одамлар ўртасида мукаммал муносабатлар бўлишини хоҳлаганида, нима учун муносабатлар бундай эмас? Нима учун қувонч ва баркамолликка эришиб бўлмаяпти? Нима учун Худони излаш бу қадар қийинчиликлар билан кечади? Бу саволларнинг жавоби қуйидагидан иборат: Худонинг режаси бир воқеа туфайли барбод бўлди, масиҳийлар мазкур воқеани “гуноҳнинг кириб келиши” деб аташади.

Инсон Худонинг берган эркинлигини суиистеъмол қилиб, ўзини ўзи ҳалокатга йўлиқтирди. Ҳаммамиз биламиз, севишга мажбурлаб бўлмайди. Севги ҳақиқий бўлиши учун, иккала томон ўз хоҳиш-иродаси билан бир-бирини севишни лозим.

Худо одамни у Худони яхши кўриши, Унинг қиёфасини ўзида ифода этиши учун яратди, бироқ уни бунга мажбур қилмади. Эркак ва аёл Худо ҳамда У берадиган қувонч ва баркамоллик билан ўзлари ва ўзларининг йўли – азоблар йўли, бегоналашиш ҳамда бунинг оқибати бўлмиш – кулфат ва ўлим ўртасида бирини танлаш имконига эга эдилар. Қанчайин аламли бўлмасин, бир кун келиб одамлар васвасачининг тузоғига тушишди, ўз ихтиёри бўйича иш тутишга чақирган овозга қулоқ солишди. Худо уларга тўсқинлик қилмади: У уларга ўзлари ўз йўлини излашига имкон берди. Ана шунда одамлар ўз ҳаётида бўшлиқ пайдо бўлганини тушунишди. Худосиз уларнинг ҳаёти ўз аҳамиятини йўқотган эди. Бир неча авлод ўтибоқ, одамлар бутун эътиборини ўзларига қаратиб, Худони деярли унутиб юборишди. Энди улар нимадан маҳрум бўлганларини ҳам тушунмас, ким эканлиги, вазифаси нимадан иборатлигини қандай билиш мумкинлигини англай олмасди. Улар қалбида бўшлиқ ва етишмовчилик ҳиссини кучсизлантириш учун, ўша бўшлиқни исталган нарса билан тўлдиришга тайёр ҳолларида қолишди.

Асос-пойдевор, Худо билан мустаҳкам ва ҳаётий аҳамиятга эга муносабатлар йўқотилгач, инсонлар ўртасидаги барча муносабатлар ҳам бузилди. Ва эндиликда одамлар бузилган велосипед ғилдирагидаги симга ўхшайди, – улар ҳалқага илиниб турган бўлсаларда, бошқарув асосидан айирилиб қолган. Улар лиқиллаб туради, чунки марказий бўғинга қотирилмаган. Худди шу тарзда одамлар ҳам, Худо билан алоқада бўлмаганлари боис, ўзаро муносабатларида асос-пойдеворни йўқотишган. Ҳар бир одам ўзига ўзи худо, ҳам мутлақ асос бўлиб олди, фақат ўзининг манфаатини кўзлайдиган бўлди.

Табиийки, шахсий қизиқишлар бир-бирига кўп тўғри келавермайди. Ҳар бир шахс ўзиники ҳеб ҳисоблаган ҳудуд чегарасини ўзи белгилаб, уни ҳимоя қилганда одамлар ўртасида яқинлик бўлмайди. Одамнинг фақат ўзи ҳақида ўйлаши мағрурлик, худбинлик, бегоналашиш, ғазаб ва нафратни келтириб чиқади, булар бутун тарих давомида одамзодга хос бўлиб келган.

Муносабатлар тикланиши

Худо жавобгарликни ўзидан соқит қилиши ва эътиборини галактиканинг бошқа бир бурчагидаги, нисбатан яхшироқ цивилизацияга қаратишини кутиш, балки ўринли бўлар. Бироқ, қанчалик ажабланарли бўлмасин, Худо бундай йўл тутмади. Юнон ҳайкалтароши Пигмалион сингари, Худо ўз ижодини севди ва уни йўқотишни истамайди. Худони рад этиб, ўзига бино қўйган инсон ўзини ўлимга дучор қилди, бироқ Худо уни қутқаришга қарор қилди.

Исо Масиҳ – Худонинг иккинчи шахси инсон қиёфасида ер юзига келди, римликларнинг хочида жон берди, сўнг тирилди. Мана шу туфайли ўлим мағлуб этилди ва инсон Худо билан муносабатларини тиклаш имконига эга бўлди. Масиҳнинг тирилиши – Худога келган ҳар қандай одам Унга яқин бўлиши, янгиланиши ва ҳаётга эга бўлишига мустаҳкам гаров бўлиб хизмат қилади.

Нима учун бу нарса содир бўлмаяпти? – деб сўрарсиз, – Агар Худо севгига асосланган муносабатларни биз билан тиклаш учун ер юзига келган бўлса, нима учун бу муносабатлар тикланмади? Нима учун Уни топиш бу қадар қийин? Нима учун одамлар ҳали ҳамон У ҳақида билишмайди, нима учун қалбидаги бўшлиқни нима билан тўлдиришни билмай, изланишда давом этмоқда?

Худо бизнинг эркинлигимизни ҳурмат қилади, унга хиёнат қилмайди. Биз ўзимиз Худони ҳаётимиздан ҳайдаб юборишни хоҳладик, гарчи Унинг иродаси олдида ҳеч ким тура олмасада, У ҳаётимизга зўрлик билан кириб келмайди. Табиий олам Унинг мавжудлиги ҳақида далилларга бой. Ғайритабиий олам соҳаси ҳам бунга ишора қилади. Шундай экан, Худо ўзимиз ва Унинг ўртасида онгли равишда танлов қилишимизни истайди.

Ўзимнинг “мен”имга берилиб қолиш дунёда ёвузлик борлигининг сабабини очиб беради. Илк одамлар ўз танловлари билан ёвузлик дунёга кириши учун эшик очиб бердилар. Бироқ Худо бизга ёвузлик эгаллаган дунёга эзгуликни қайтариш имконини беради. Дунё бузилганига қарамай, биз Худони ўз ҳаётимизга киритиш, бузилган муносабатларни тиклаш ва шу орқали ҳақиқий севги ва мақсадга эга бўлиш имконига эгамиз.

Гуноҳнинг кириб келгани ва унинг оқибатларини ҳисобга олиб, нима учун Худони топиш осон эмаслигини тушунишимиз мумкин. Шу билан бирга биз муаммо Худода эмаслигини ҳам тушунамиз. Худонинг мавжудлигига оид кўплаб гувоҳликлар борлигига қарамай, биз ўзимиз, ўз истакларимиз билан машғул бўлиб қоляпмиз, биз Уни кўрадиган даражада эмасмиз, чунки ҳаддан зиёд бандмиз. Ҳайвонга бармоқ билан ишора қилиб, бир нарсани кўрсатсангиз, у тушунмайди. Биз ҳам худди шундай: табиатнинг ўзи Худога ишора қилиб турганини тушунмаймиз. Уни излаганимизда, У ҳаётимиздаги ҳодиса ва вазиятларни шундай буриб, бизни Ўзига йўналтириб юборади. Гарчи биз кўпинча Унинг очиқ ишораларини кўрмасакда, У бизга яқин бўлади, қалбимиздаги бўшлиқни тўлдириш учун, ҳаётимизга киришга тайёр туради.

Идрок Худони топишимизга хизмат қилади ва имонимизга оқилона далил беради, шундай бўлсада, биз Худони идрок билан ҳис қилмаймиз. “Худони идрок эмас, юрак қабул қилади”, – деган Паскаль. Онгимиз Худонинг мавжудлигини тасдиқлайди, сўнг эса юрак ишга тушади. Айнан юрак билан биз ҳаётнинг баркамоллигини ҳис қиламиз, гўзалликдан, атрофдагилар билан яқин муносабатлардан, севгидан, ҳаётимизга маъно улашган ҳамма нарсадан қувонамиз. Одамнинг қалби қачонки уни севган Худо, унда Ўз ўрнини эгаллаб, уни Ўз севгиси билан тўлдиргандагина, тинчликка эришади.

Юрак нотўлаликни шу даражада қаттиқ ҳис этадики, гоҳида идрокдан олдинга ўтиб кетади. Ўтмишда агностик бўлган бир танишим менга онги Худо фойдасига ва Худога қарши аргументларни тушунишга ҳаракат қилгунича, юраги Исо Масиҳ шахсига талпинганини айтди. Қаердадир, кимдир уни ҳеч қандай шартсиз яхши кўриши ҳақидаги ғоя уни шу даражада қизиқтириб юбордики, у буни унутолмади. Чиндан ҳам, ҳақиқат шундай кучга эгаки, онг-тафаккурга қараб ўтирмай, юракни тўлқинлантириб юборишга қодир.

Худо севгисининг аниқлиги

Ўз эътиқодига суянган мулоҳазакорларнинг абадий, шартсиз севги ҳақида ғояни рад этишларида ажаблантирадиган ҳеч нарса йўқ. XXI асрда яшаётган одам бу дунёга инсон қиёфасида келган ва ўликдан тирилган, галактикаларнинг ғайритабиий Яратувчисини қабул қилмайди. Унинг учун бу худоларнинг ўлими, уларни мамнун этиш учун келтирилган қурбонликлар ҳақида қадимги афсоналардан бири холос.

Аслида Масиҳ ҳақида ҳикоянинг қадимги афсоналарга ўхшашлиги унинг ҳақиқатлигидан далолат беради. Ўлим ва қурбонликлар мавзуси мифологияга хос жиҳат ҳисобланади, чунки унда гуноҳ оқибатида қулаган одамзоднинг азал-абаддан ҳис қилиб келган кечинмалари ёритилади.

Одамлар қандай худоларга сажда қилганидан қатъий назар, ҳамиша худолардан узоқлашиб қолганини ҳис қилиб келган ва ич-ичидан худони ёки машҳур инсонни қурбон қилиш туфайлигина ярашиш муминлигини сезиб яшаган. Барча афсоналарда муаммо мавжудлиги ва уни ҳал этишга бўлган умид-орзулар кузатилади.

Сўнг, тарихда афсоналар ёритган ҳодиса рўй берди. Худо чиндан ҳам осмондан тушиб, инсон сингари ер юзида яшайди. У одамларнинг қилмишлари туфайли қатл этилди, уч кундан кейин тирилди, ўлимни енгди, одамзодни Худодан ажратган пардани йиртди.

Нима учун бу каби афсоналардан фақат масиҳийлар вариантинигина тўғри деб ҳисоблашимиз лозим? Чунки у бошқаларидан худди товуш садодан, дарахт – ўзининг соясидан ажралгани сингари фарқ қилади. Муқаддас Китоб ҳодисалари маълум вақтда, маълум жойда содир бўлди. Улар масиҳийликка бефарқ бўлган тарихчилар томонидан тасдиқланган. Бундан ташқари, Масиҳнинг келиши ва Унинг ҳаётида рўй берган кўп ҳодисалар аввалдан башорат қилинган, жумладан содир бўлган вақти ва жойи бажо бўлишидан анча аввал кўрсатилган.

Ғайритабиий Худо табиий оламга келгани, ўлиб, сўнг тирилгани ҳақида ҳикоя ажаблантиради, бироқ бизда бунга ишонмасликдан кўра, ишонишга кўпроқ асос мавжуд. Хато қилиб, сўнг ишониш учун, барча унсурлар ўз жойига тушишини кутиш керак эмас. Мана шундай чегарасиз реаллик ҳақида гапирар эканмиз, биз филни пайпаслаб ўрганган кўрларга ўхшаймиз. Онгимиз чегараланган, шу боис ҳақиқатни тўлалигича қамраб ололмайди. Бизда ҳам доим Худо ҳақида, нима учун азоб борлиги, дўзах бу нима каби саволлар қолаверади. Биз Муқаддас Китобда назаримизда бир-бирига зид бўлган жойларни топамиз.

Агар мазкур саволларга жавоб топишни истасак, уларни топамиз. Улардан айримлари бизни қаноатлантирмаса агар, шуни тушуниб олишимиз керакки, ўргимчак тадқиқотчини таниб-билишда қай даражада ожиз бўлса, биз ҳам Худони таниб-билишда шу даражада ожизмиз. Кўпинча бирон нарсага нисбатан кўрсатган норозилигимиз ортида Худо биз сингари ўйлаши, оламни биз тасаввур қилгандек яратиши лозим деган тушунча яширинади. Агар у бизнинг тасаввуримиздаги идеалдан фарқ қилса, биз уни барпо этган яратувчини рад этишга ўзимизни ҳақли деб биламиз. Қачонки иккинчи даражали саволлар асосий ҳақиқатга: Худо мавжуд, У реалликни белгилаб беради; У мен учун Ўз Ўғлини ўлимга юборди; У мени севади, каби нарсаларга ишонишда сингиб кетсагина, ана шундай нуқтаи назар оқилона бўлади.

Тарихнинг катта қисми давомида одамлар ғайритабиий нарсага ишониб яшаган. Унга ишонмаслик тажрибанинг ҳамма нарсага қодирлигига бўлган мулоҳазага оид эътиқод билан бир вақтда бошланди. Олимлар тажриба йўли билан ўргана оладиган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқлигини айтишга журъат қилганларидан кейин, ғайритабиий нарсага бўлган ишонч хурофот билан бир қаторда кўрила бошлади. Модернистлар ўтмишга, худди маърифатли одам ўқимаган жоҳилга бўлгани сингари, манманлик билан қарайдиган бўлди: бу кутилган ҳолат. Яъни, бундай муносабат бугунги кунгагина хос нарса эмас. Ҳамма вақтда янги дунёқараш эскиларидан устун ҳисобланган. Ҳозирги кунда постмодернистлар ўзларининг нуқтаи назари нуқсонсизлигига ишонишади, унга кўра, қолганлари умидни узса бўладиган даражада нотўғри.

Биз шуни тан оламизки, дунёқараш (ҳар кимда ўзининг дунёқараши мавжуд) чиндан ҳам объективликка таъсир қилади, бироқ Коинот бизга ҳар қандай қарашлар ситемасидан устун келадиган даражада яхлит ҳақиқатларни очади. Дейлик, модернизмга хос жиҳат, яъни эмпиризмга ишонишдан тўлиқ воз кечишимиз қийин, бироқ биз оқилона тушунча билан эришиб бўлмайдиган ҳақиқатларнинг реаллигини тан олмасдан қолдиролмаймиз. Постмодернизм тутуни нигоҳимизни қоплаши мумкин, бироқ мутлақ асос (абсолют) контурлари ҳар қандай тутун ортида ҳам кўриниш бериб туради.

Ушбу олий мутлақ асос (абсолют) сиз учун ҳам шахсий мутлақ асос (абсолют) бўлади. Қанчалик ақлга тўғри келмайдиган бўлиб кўринмасин, Коинот Худоси сизни шахсан севади ва Унга юз буришингизни истайди. У сиз билан яқин муносабат қуришни хоҳлайди, бу муносабатлар ҳаётингизга сиз тасаввур қилолмайдиган аниқлик, маъно, баркамоллик ва қувонч олиб келади. У – мутлақ асос (абсолют), нафақат бутун олам учун, балки сизнинг ҳаётингиз, сизнинг бахтингиз учун ҳам. Қарор қилиш сизнинг ихтиёрингизда.

“Қандай қилиб имонли бўлганим”, – Жош МакДауэлл ўзи тўғрисида ҳикоя қилади

Ишонинг, мен сизнинг нима ҳис қилаётганингизни биламан. Ушбу китобда айтилган нарсалар борасида барча шубҳаларингизни, нималарга қўшилмаслигингизни биламан. Узоқ йиллар давомида мен ҳам: мен кимман, ҳаётда вазифам нима, кейин мен билан нима бўлади, деган саволларга жавобни керакли жойдан изламаганман.

Аввалига ўзимни тўлиқ динга бағишладим. Эрталаб ҳам, кундузи ҳам, кечқурун ҳам имонлилар жамоатига борардим. Бироқ менга бир нарса етишмасди ва мен диндан воз кечдим, уни бўш, маъносиз хурофот деб билдим. Мен таълим соҳасидан жавобларни қидира бошладим, бироқ тез орада тушундимки, университетдаги профессорлар ҳам худди мен сингари, саволларга жавоб тополмас экан. Шунда талабалар шаҳарчасида эътиборли лавозимларга интила бошладим, бироқ машҳурлик тез орада сўнди, ичимдаги бўшлиқ эса бўшлигича қолаверарди. Ўша пайтда мен саккиз талаба ва бир нечта ўқитувчидан иборат бир гуруҳ билан танишдим, назаримда уларда бу муаммо йўқдек кўринди. Улар ҳар доим ўзларига жуда ишонган кўринар, аммо манманлик қилишмасди. Бир-бирларига ва атрофдагиларга ниҳоятда меҳр билан муносабат қилган бу одамларнинг олдига боргим келарди. Тез орада улар билан дўстлашдим. Учрашувларимизнинг бирида мен бир қиздан очиқчасига: “Нима сабабдан сизлар бошқалардан бунчалик ажралиб турасизлар?”, деб сўрадим. У кўзимга тик қаради-да, талабалар шаҳарчасида кам эшитиладиган сўзларни айтди: “Исо Масиҳ”. Назаримда бунга бир мунча беодоблик билан қарадим. Яна Исо Масиҳ, Худо, эътиқод, – булар ўтмишимда қолган эмасми? Бу гапларни ишонувчан, хурофотга берилувчан ва уқувсиз одамларгина жиддий қабул қилиши мумкин, лекин мен эмас. Ҳар қалай, ҳозир эмас, негаки онгимга сиғмайдиган нарсаларга ишона олмаслигимни биламан. Ўша қизга чамаси шундай жавоб бергандим.

Улар менга мавжуд маълумотларни ўзим ўрганишимни, Исо Масиҳ – Худонинг Ўғли эканлиги ҳақида фикрни холисона тадқиқ қилишни таклиф этишди. Аввалига буни ҳазил ўрнида қабул қилдим, бироқ улар чиндан ҳам жиддий гапираётганларини кўриб, рози бўлдим. Қолаверса, ҳуқуқшуносликни ўрганган, исбот-далил ҳақида яхшигина тасаввурларга эга эдим, шу тариқа уларга эътиқоди ёлғонга асосланганини исботлашга қарор қилдим.

Кейин нима бўлганини тушуниб олишингиз мумкин. Мен Муқаддас Китоб ишонишга лойиқ эмаслигига исбот-далиллар топишга ҳаракат қилдим. Бу иш мен ўйлагандан кўра анча қийинроқ бўлиб чиқди, бироқ изланишлар мени жуда қизиқтириб юборди. Бир неча ой синчковлик билан ўтказилган изланишлардан кейин мен барча қадимги ҳужжатлардан энг ишончлиси Эски ва Янги Аҳдлар эканлигини тан олишга мажбур бўлдим. Ана шунда Масиҳнинг сўзлари билан юзма-юз бўлдим.

Кўриб турганингиздек, мени Худога олиб келган Муқаддас Китоб эмас, унинг ишончлилигини тасдиқлайдиган далиллар ҳам эмас, балки Унинг севгиси эди. Бу севги мени қабул қилган бир нечта масиҳийнинг ҳаёти орқали менга очиқ намоён бўлди. Масиҳий дўстларимнинг мана шу севгиси мени Масиҳга олиб келди.

Тарихий ҳужжатларда ёзиб қолдирган далиллар асосида мен онгим билан ер юзида икки минг йил муқаддам яшаган Исонинг ҳақиқий Худо эканлигини тушундим. Бироқ юрагимни юмшатган, мени Худога олиб келган, аслида Унинг севгиси бўлади.

Изланишлар натижасида мен энг асосий саволга рўпара бўлдим. Масиҳ Ўзи тўғрисида айтган нарсалар ҳақиқат бўлса, бундан келиб чиқиб, энди мен нима қилишим керак? Исо юрагим эшигини тақиллатаётгани ва: “Мен сени яхши кўраман, сен билан яқин муносабат қуришни истайман. Сенга ҳаётдан кўзланган мақсадни очишни, сен узоқ вақтдан бери топишга ҳаракат қилган аниқликни беришни хоҳлайман”, деганини сездим. Мен унинг чақириғига жавоб бердим.

Ҳақиқат абстракт ғоя ҳам, фалсафий тушунча ҳам эмаслигини тушундим. Ҳақиқат Худо табиатининг хусусияти ва биз буни инсон танасида зоҳир бўлган Худо – Исо Масиҳ билан муносабатларда таниб биламиз. Худо биз излаган ўзлигимиз, мақсад, баркамоллик ва севгининг охирги нуқтаси. У барча саволларга якуний жавоб ва инсон интилишларининг объектидир. Бу мен учун ҳам, сиз учун ҳам айни ҳақиқат.

Сизнинг аниқликни излашингиз менинг излашимдан фарқли тарзда бошланиши ва сизни бошқа йўлдан олиб бориши мумкин эди. Мен учун муҳими – Муқаддас Китобга ишониш мумкинлигига амин бўлиш эди. Эҳтимол, ҳақиқатга ишонишингиздан аввал, онгингиз уни қабул қилишига халақит бераётган бошқа бир нарса борасида аниқлик киритиб олишингиз керакдир. Умид қиламан, биз ушбу китобда сизлар билан бўлишган нарсалар сизга ўша тўсиқларни олиб ташлашга ва ҳақиқат ҳамда аниқлик борасида саволларга фақат битта жавоб борлигини тушунишингизга ёрдам беради. Бу танҳо ва ҳақиқий Худо бўлиб, у объектив реаллик ва Коинотда олий мутлақ асос (абсолют) ҳамдир.

Агар қачонлардир мен тилга олган ибодат сизнинг юрагингиз ва онгингиздаги яширин истакларни акс эттирса, у сизга ҳам излашда ёрдам бера олади:

“Раббим, Исо, Сен менга кераксан. Юрагимни Сен истаган ҳақиқатни топишим учун очгин. Мени деб Гўлгота хочида ўлганинг учун Сендан миннатдорман. Сени Нажоткорим ва Раббим деб билишни, Сенга умид боғлашни истайман. Мени Ўзинг ўйлагандек қилиб ўзгартиргин. Исо Масиҳнинг номи билан. Омин”.

Мулоҳаза ва муҳокама учун саволлар

1. Ҳар бир одам ўзига қанақа асосий саволларни беради?

2. Одамлар бу саволларга жавобни қаердан излашади? Нима учун жавобни излаган жойларидан топишлари беҳуда?

3. Инсон қалбига нима етишмайди?

4. Худодаги ўзаро муносабатлар моҳияти ва Худонинг дунёга муносабати нимада?

5. Гуноҳ кириб келишининг сабаби нима бўлган? Бу ҳодиса Худо билан ва атрофимиздаги одамлар билан муносабатимизга қандай таъсир кўрсатди?

6. Агар Худо У билан муносабатларимиз тикланишини олдиндан ният қилган бўлса, нима учун одамнинг Уни топиши бу қадар қийин?

7. Масиҳ тарихи афсоналардан бири эмаслигини қаердан биламиз?

8. Олий мутлақ асос (абсолют) қандай қилиб бизнинг шахсий мутлақ асосимиз (абсолют) ҳисобланади?

ИЗОҲЛАР

2-боб

Рус тили изоҳли луғати Ожегов С. И. Шведова Н. Ю. нашр. — М.: Русский язык.

Билимнинг айрим унсурлари очиқ-ойдин кўринади ва уларни тасдиқлашга эҳтиёж йўқ, мисол учун математика ва логика. Ушбу китобда биз гносеология саволларини ўрганмаймиз.

Натурализм – бу дунёга бўлган қараш ва унга кўра табиат бутун борлиқнинг бирдан-бир ва универсал тамойили ҳисобланади ва барча ғайритабиий нарсаларни чиқариб юборади.

Клайв Степлз Льюис. Инсон бекор қилинади.

3-боб

Честертон Г. К. Ҳикоялар. — М.: Правда, 1989. — С. 21.

4-боб

Richard Taylor, Ethics, Faith, and Reason (Englewood Cliffs, N.J.: Prentice-Hall, 1985), 2–3.

Достоевский Ф. М. Тўлиқ асарлар тўплами 30 томли. — Т. 14. — Л.: Наука, 1976. — С. 64-65.

William Lane Craig, “The Indispensability of Meta-Ethical Foundations for Morality,” Foundations 5 (1997): 9–12.

Taylor, Ethics, Faith, and Reason, 7.

АҚШ мустақиллиги Декларацияси, 04.07.1776 йил 2- Континентал конгресс томонидан қабул қилинган. / Америка Қўшма Штатлари: Конституция ва қонунчилик. Жидкова О. А. нашр. — М.: Прогресс-Универс, 1993.

5-боб

Rick Gore, “The Once and Future Universe,” National Geographic 163, no. 6 (June 1983): 748.

John Updike, “The Future of Faith: Confessions of a Churchgoer,” The New Yorker (November 29, 1999): 88.

William Ernest Henley, “Invictus.”

Aldous Huxley, “Confessions of a Professed Atheist,” Report: Perspective on the News, vol. 3 (June 1966): 19.

6-боб

George John Romanes, Thoughts on Religion (Chicago: Open Court Publishing Co., 1895), 29.

Клайв С. Льюис. Кумуш кресло. — М.: Огонек-Вариант, 1991. — С. 93-94.

Фуқаролар уруши 1861–1865 г. г.

Америка поэзияси XIX–XX аср русча таржималарда — М.: Радуга, 1983. — С. 237.

7-боб

Биз турларнинг яшаш шароитларига мослашуви, янги наслларнинг чиқиши ва ҳоказолардан иборат, тор маънода “эволюция” га ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ. Биз ҳаёт ва турларнинг пайдо бўлишига доир тасаввур ҳақида кенг маънодаги “эволюцияга” қаршимиз. 7-бобда бу атама айнан ўша маънода ишлатилади.

Thomas Hayden, “A Theory Evolves,” U.S. News and World Report (July 29, 2002): 43.

Phillip E. Johnson, Objections Sustained (Downers Grove, Ill.: InterVarsity Press, 1998), 20.

Robert Jastrow, God and the Astronomers (New York: Norton, 1978).

Robert Jastrow, The Enchanted Loom (New York: Simon & Schuster, 1981), 19.

Thomas Huxley, quoted in Leonard Huxley, Life and Letters of Thomas Henry Huxley, vol. 2 (London: Macmillan, 1903), 429.

Pierre-Paul Grassé, Evolution of Living Organisms (New York: Academic Press, 1977), 31.

Colin Patterson, in a letter to Luther Sunderland, April 10, 1979; quoted in: Luther D. Sunderland, Darwin’s Enigma: Fossils and Other Problems (El Cajon, Calif.: Master Books, 1988), 89.

Richard Dawkins, The Blind Watchmaker (New York: Norton, 1986), 229.

Charles Darwin, quoted in H. Enoch, Evolution or Creation (London: Evangelical Press, 1968), 139.

Mark Ridley, “Who Doubts Evolution,” New Scientist 90, no. 1259 (June 25, 1981): 831.

Malcolm Muggeridge, “Pascal Lectures,” given at University of Waterloo, Ontario, Canada, 1978.

D. M. S. Watson, “Adaptation,” Nature (August 10, 1929): 233.

George Wald, “Innovation and Biology,” Scientific American 199 (Sept. 1958): 100.

Richard Lewontin, “Billions and billions of demons,” The New York Review of Books (January 9, 1997): 28.

Sir Fred Hoyle, The Intelligent Universe (London: Michael Joseph, 1983), 20.

Michael Ruse, quoted by Tom Woodward in “Ruse Gives Away the Store,” see <http://www.leaderu.com/real/ri9404/ruse.html>.

8-боб

Edwin A. Abbott, Flatland (New York: Dover Publications, 1952).

J. P. Moreland, Love Your God with All Your Mind (Colorado Springs, Colo.: NavPress, 1997), 25.

Loren Eiseley, “The Hidden Teacher” in The Unexpected Universe (New York: Harcourt Brace, 1964), 117.

9-боб

Blaise Pascal, Pensées (1660), W. F. Trotter, trans. <http://www.ccel.org/p/pascal/pensees/pensees.htm>, (Section IV: The Means of Belief, 278).

Масиҳнинг туғилгани, ўлгани ва тирилганига оид башоратлар ва гувоҳликлар ҳақида батафсил маълумотлар учун Жош МакДауэлл. “Рад қилиб бўлмайдиган гувоҳликлар” га қаранг — М.: Slavic Gospel Press, 1991.

МУАЛЛИФЛАР ҲАҚИДА

Жош МакДауэлл масиҳийлар эътиқодини ҳимоя қилишни режалаштирмаган. Аксинча, у бунинг тескарисини мақсад қилган. Скептик бўлган пайтида Kellog College (Мичиган) бир нечта талаба унга масиҳийлар таълимотини мустақил ўрганишни таклиф қилган. Муқаддас Китобда ёзилганлар ва Исо Масиҳ Ўзининг илоҳийлиги ҳақида айтган нарсалар нотўғри эканлигини исботлаш учун у мазкур чақириқни қабул қилади. Кашф қилганлари унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. У Муқаддас Китоб – қадимги ҳужжатларнинг энг ишончлиси эканлиги, Масиҳ айтган сўзларнинг ҳақиқатлиги объектив тасдиқланишига амин бўлди. Масиҳ ҳақида ва Худонинг Каломи ҳақида ҳақиқат билан юзма-юз бўлгач у Масиҳга имон келтирди, Уни Худонинг Ўғли ва Нажоткор деб қабул қилди.

Жош Wheaton College га ўтди ва филология бўйича бакалавр даражасига эга бўлди. Сўнг у Talbot Theological Seminary (Калифорния штати) да илоҳиётшунослик бўйича магистр даражасига эга бўлди. 1964-йилдан бошлаб у Campus Crusade for Christ да ишлайди ва ҳозирги кунда мазкур ташкилотнинг халқаро вакили ҳисобланади. У бугунги кунда ёшларни қизиқтириб келаётган масалаларга кўп эътибор қаратади.

Жош МакДауэлл 84 мамлакатда сўзга чиққан. Уни 7 миллиондан зиёд ёшлар тинглаган, шу жумладан 700 та университетда. У 60 дан зиёд китобга муаллифлик ва ҳаммуаллифлик қилган, мазкур китоблар тиражи умумий ҳисобда 30 млн. нусхани ташкил қилади. Улар ичида энг кенг танилганлари – “Шунчаки дурадгор эмас”, “Рад этиб бўлмайдиган гувоҳликлар”, “Тирилганининг исботлари”, “Аниқлик излаб”.

Жош оилали. У 30 йил аввал уйланган, тўрт нафар фарзанди бор. Айни вақтда у ва рафиқаси Дотти Даллас шаҳрида яшашади (Техас штати).

Томас Уильямс хизматчи бўлишни ният қилган, бироқ рассомлик ва ёзувчилик қила бошлаган. У бадиий, илоҳиётга ва драматургияга оид 7 та асар ёзган. The Crown of Eden, The Devil’s Mouth (Seven Kingdoms Chronicles series) лар шулар жумласидан. Унга тегишли студия бор ва 12 йил ичида у 1200 дан зиёд масиҳийлар нашрига бадиий безак яратган. 14 йил давомида у “Word Publishing” нашриётининг бадиий муҳаррири бўлиб ишлаган. Беш маротаба энг яхши муқова безаги учун “Christian Booksellers Association” мукофотига сазовор бўлган. Унинг ёзган Клайв Льюис портрети Wheaton College да Wade Collection га киритилган. Ҳозирги кунда у бутун вақтини китоб ёзишга бағишлаб келмоқда, бундан ташқари нашр этувчиларга консультациялари (маслаҳатлари) билан ёрдамлашади.

Томас Уильямс ўзининг жамоатида машғулотлар олиб боради ва у ерда икки маротаба раҳбарлик лавозимини эгаллаган. Турмушга чиққан учта қизи ва саккизта невараси бор. Айни вақтда у рафиқаси Фэй билан Грэнбери шаҳри (Техас штати) да истиқомат қилади.

МУНДАРИЖА

Нимага ишонишимнинг фарқи борми?

Ҳақиқат ҳақида ҳақиқат

Эътиқодим асосида нима бўлиши лозим?

Абсолютга зарурат

Фикрим тўғрилигига ишонч ҳосил қила оламанми?

Абсолют идрок асоси сифатида

Нима тўғрилигини ким белгилайди?

Абсолют ахлоқ асоси сифатида

Маъноси нимада?

Абсолют ҳаёт маъносининг асоси сифатида

Нима учун биз қуёш ботишини кузатишни ва мусиқа тинглашни яхши кўрамиз?

Абсолют гўзаллик асоси сифатида

Коинот фазода юз берган тасодиф туфайли пайдо бўлганми?

Эволюционизмнинг мантиқсизлиги

Эътиқоднинг оқилоналиги

Эътиқод ва идрокнинг ўзаро нисбати

Худони қандай таниб-билиш?

Аниқлик муносабатларда

Изоҳлар

Муаллифлар ҳақида

Notes

[

←1

]

[

←2

]

[

←3

]

[

←4

]

[

←5

]

[

←6

]

[

←7

]

[

←8

]

[

←9

]

[

←10

]

[

←11

]

[

←12

]