Обложка ОЛТИН ҚАЛБ Елена Соколова БОЛАЛАР ВА ЎСМИРЛАР УЧУН ЭРТАКЛАР ОЛТИН ҚАЛБ Елена Соколова Болалар ва ўсмирлар учун эртаклар 2-нашри “...” нашриёти ..., 2016 ББК 84.4 С 59 суратлари Наталья Ильченко Ивана Орлова Соколова Е.Г. Олтин қалб.- 2-нашри.-..: ….., 2013, -96 с. –(Тиллақўнғиз). ISBN 978-5-94861-182-2 (ЛКС) . Елена Соколованинг ҳажм жиҳатдан кичик, аммо мазмун томондан кенг эртаклари ва масаллари бутун оила учун қизиқарли ва мазмунли асардир. Бу эртак ва масалларда ҳаётий донолик билан Муқаддас Китоб ўгитлари табиий равишда бириктирилган, содда ва лўнда шаклларда илоҳий ҳақиқат очиб берилган. Китобдаги оқ-қора суратлар шундай чизилганки, фарзандингиз улардан бўяш учун фойдалана олади, шу тариқа ўзининг китобини ноёб нусхага айлантира олади. ББК 84.4 ҲОВУЗ Кичкина ҳовузчада бир ўрдакча сузиб юраркан, у жуда бахтиёр экан. Бир кун ўрдакча роса сузибди-сузибди, шўнғийверибди-шўнғийверибди, сувларни сачратибди. Кейин баланд ўтлар устида сайр қилгани ҳовуздан қирғоққа чиқибди. Шу ҳовузчада бир бақа ҳам сузаркан, у ҳам бахтиёр экан. Бақа шўнғийверибди-шўнғийверибди, сувларни сачратибди. Кейин у ҳам баланд ўтлар устида сайр қилгани сакраб қирғоққа чиқибди. Ўрдакча билан бақа ҳовуз қирғоғида учрашиб қолишибди. -Салом, ўрдакча! Вақ-вақ-вақ, қандай вақ-вақ-чир-ойли-сан-а! – дебди бақа. -Салом, бақа! Ғақ-ғақ-ғақ, қандай ғақ-ғақ- чир-ойли-сан-а! Сен қаерда яшайсан? – деб сўрабди ўрдакча. -О! Менинг ажойиб ҳовузим бор! Ҳовузимнинг сувлари тип-тиниқ, қирғоқдаги ўтлар орасида мазали чивинлар бор! – дея жавоб берибди бақа. -Жуда зўр-ку! Менинг ҳовузим сувлари ҳам тип-тиниқ, атроф мазали чивинларга тўла! Юр меникига меҳмонга! -Бажонидил! – деб розилик билдирибди хурсанд бўлиб бақа. Ўрдакча бақани ўз ҳовузига олиб келибди. Улар ҳовуз бўйига етиб келганларида, бақа тушунолмай сўрабди: -Сен мени ўзингнинг ҳовузингга меҳмонга олиб бормоқчи эдинг, аммо менинг ҳовузимга олиб келдинг-ку! Ўрдакча ҳам ҳайрон бўлибди: -Нимага сен менинг ҳовузимни ўзингники қилиб олдинг дарров? Бақа билан ўрдакча роса баҳслашибди, барибир ҳовуз кимники эканини аниқлай олмабдилар. Охири, иккови ҳам беҳуда тортишувдан чарчаб, шундай қарор қилибдилар: -Мусобақа уюштирамиз! Ҳовузнинг нариги қирғоғига ким тез сузиб борса, ҳовуз ўшаники бўлади! Улар шартга келишибдилар. Бақа билан ўрдакча ўзларини сувга отибдилар, бор кучи билан оёқчаларини ишга солибдилар, ҳовузни тамомила лойқалантириб, ҳовуз тубидан балчиқларни сув юзига чиқариб юборибдилар. Ниҳоят, ҳовузнинг нарига қирғоғига сузиб борибдилар. Аммо... иккови ҳам бир вақтда сузиб ўтибдилар. Иккови ҳовлиқиб, қизишиб баҳслашаверибдилар – яна кимнинг ҳовузи эканини аниқлай олмабдилар. -Энди бундай қиламиз: ким чўпни ҳовузда узоққа ирғитса, ҳовуз ўшаники! – деб таклиф қилибди бақа. -Бўпти! – розилик билдирибди ўрдакча. Улар чўп отишга киришибдилар. Ҳовузни чўплар, пайрахалар, шохчалар билан ифлос қилиб ташлабдилар. Барибир, ким узоққа ирғитганини аниқлай олмабдилар. Бирдан ҳовуз бўйига бир бола келиб қолибди. Унинг исми Дониёр экан. Унинг қўлида ўзи ясаган кемачаси бор экан. У ҳовузнинг қай аҳволга тушганини кўрибди, бақа билан ўрдакчанинг ҳолдан тойганини ҳам кўрибди ва йиғлагудай бўлибди. Дониёр кемачасини қирғоқда қолдирибди-ю шоша-пиша уйига кетибди. Дониёр қўлида сузгич билан ҳовуз бўйига қайтиб келибди ва сузгич билан ҳовуздаги хас-хашак ва бошқа чиқиндиларни йиғиштириб олибди. У сувга ботган дарахт шохларини, сув юзасида осилиб турсин, бақа уларнинг остида яширина олсин деб, тўғрилаб қўйибди. Дарахт шохлари устига бақани ўтқазибди. Дониёр ўрдакчани эҳтиётлаб қўлига олибди-да, уни сувга туширибди, унинг олдига бир бурда нон ҳам қўйибди. Шундан кейин Дониёр кемачасини сувга қўйиб, қирғоқдан туриб уни кузатибди. Ўрдакча бақага дебди: -Биласанми, бу ҳовуз кимники? -Биламан, - деб жавоб берибди бақа, - Дониёрники. Дониёрнинг ҳовузида яшаш менга ёқади! -Менга ҳам! – дебди ўрдакча хурсандлик билан ва сув қўнғизи ортидан сувга шўнғибди. АСАЛАРИЛАР Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида иккита асалари биттадан челакча олиб, “з-з-з-з-з” деган овоз чиқарганича, гулшира йиққани арихонадан чиқибди. Асаларилар майсазорда чиройли гулни кўриб қолибдилар ва унинг тепасида тўқнаш келиб, пешоналарини уриштириб олибдилар. -Бу гул меники-з-з-з! – дебди биринчи асалари визиллаб учар экан. -Йўқ,бу гул меники –з-з-з! – дебди иккинчи асалари. Шу ердан бир синчков асалари учиб ўтиб қолибди. У баҳслашаётган икки асаларини кўриб, ғинғиллаб туриб қолибди: -Бу ерда нима қиляпсизлар –з-з-з-з? -Асал йиғяпмиз, - деб жавоб берибди қайсар асаларилардан бири. Синчков асалари ҳайрон бўлибди: -Кўп асал йиғдиларингизми? Баҳслашаётган асалариларга шу ерда париллаб учиб юрган капалак ҳалақит берибди. Уни ҳам гул тепасида муаллақ ҳолда турган асалариларнинг беҳуда тортишаётганлари қизиқтирибди. Капалак ҳеч нарсани тушунмасдан сўрабди: -Сизларга нима бўлди? -Улар асал йиғяптилар, - деб жавоб берибди синчков асалари баҳслашаётганларнинг ўрнига. -Ғалати-ку, - деб ғўлдирабди капалак. -Ҳечам ғалати жойи йўқ, - дебди пешонасини иккинчисига уриб олган асаларилардан бири. – Биз адолат учун курашяпмиз. Худди қаҳрамон жангчиларга ўхшаб! -Бунинг учун сизларга медаль беришадими? – ҳазиллашибди капалак. -Эшитдингми? Бизга бундай қатъиятимиз учун медал берса аризиркан, - хурсанд бўлибди биринчи асалари. -Энди мен чекинмаслигим аниқ! Ўлиб қолсам ҳам гапимда қатъий тураман! – деб ўз қарорини эълон қилибди иккинчи асалари. Синчков асалари ҳамон уларни ташқаридан кузатиб турар экан, йиғлагудай бўлиб гапирибди: -Кўзларингизни очинглар! Сизларни қачон гулшира олиб келаркин деб, ҳамма умид қилиб турибди, кутишяпти! Бир-бирингизга ён беринг! Ана, атрофингизда қанча чиройли гуллар тўлиб-тошиб ётибди! Қайсар асаларилардан бири ҳайрон бўлибди: -Агар гулни бериб юбораверсам, қачон гулшира йиғаман, а-а-ххх-ир! -Тўппа-тўғри! –жеб тасдиқлабди иккинчи асалари. – Агар бир-биримизга ён бераверсак, тамомила гулширасиз қоламиз-ку! Ҳар нарсани билишга қизиқадиган асалари бу томошани кузатиб туриб, оғир хўрсинибди, ғамгинлик билан хартумчасини осилтириб, атроф майсазорни қоплаб ётган гуллардан шира йиғиш учун учиб кетибди. Капалак эса ҳамон қайсар асаларилар атрофида чиройли қанотчаларини қоқиб учаверибди. Аммо у бир лаҳза тўхтаб қолибди ва меҳрибонлик билан гапирибди: -Мен қаердадир, ўзингнинг эмас, бошқаларнинг фойдасини кўзлагин, деган ҳикматни эшитган эдим. Қайсар асаларилардан биттаси руҳланиб кетибди: -Эшитдингми? – дебди у рақибига. – Сен ўзингнинг эмас, менинг фойдамни кўзлашинг керак! Қани, бу ердан жўнаб қол-чи! Бу менинг гулим! Бу гулни биринчи бўлиб мен кўрдим! Иккинчи асалари ҳам ундан қолишмасдан, жавоб берибди: -Унақа эмас, сен менинг фойдамни кўзлашинг керак! Қани, ўзинг бу жойдан жўнаб қол-чи! Кеч кириб қолибди. Ўжар асаларилар талашган гулларнинг барглари аста-секин юмила бошлабди. Ҳолдан тойган рақиблар уйларига йўл олибдилар. Бундан бошқа чоралари ҳам йўқ экан-да. Ўлгудай чарчаган асаларилар уяларига қайтибдилар, чарчаганларидан тарновга йиқилиб тушай дебдилар. Улар хирилдоқ овозда визиллаб, ўзларининг элатига, мен эмас, бу айбдор, дея ҳар қайсиси ўз ҳақлигини исботлашда давом этаверибдилар: -Мунчаям қайсар бўлмаса-я! Фақат ўзини ўйлади, холос! ГУЛЧИ Бир катта шаҳардаги баланд уйнинг охирги қаватида кичкинагина айвонча бўларкан. Ҳар йили ёзда айвонча кўплаб турли-туман гуллардан ола-чипор бўлиб кетаркан. Айвонча эгаси ғалати одам деган ном чиқарган экан. У камгап, қўпол экан. У жанжалкаш бўлиб, феъл-атвори оғир эканини ҳаммага кўрсатар экан. Бу одам гулларни яхши кўрар экану дўст орттирмас экан, кўпинча ёлғиз бир ўзи кун ўтказар экан. Ўша гулчи ҳар йили бир марта олис мамлакатларга сафар қиларкан. Ҳар саёҳат қилганда, ноёб гуллар уруғидан олиб келаркан. У яна олис мамлакатлардан бирига сафар қилибди. У ўша мамлакатда шошилмасдан бозор дўконларини айлана бошлабди. Бирдан у қоққан қозиқдай тўхтаб қолибди. Чунки у тенгсиз чиройли гулларга рўпара келиб қолган экан. Гулнинг барглари жаннат қушларининг патларидай ялтироқ экан. Гулга бир нигоҳ ташлаган одам унинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб қоларкан. - Бу гулларнинг номи нима? – деб сўрабди гулчи дўкон эгасидан. –Уруғининг нархи қанча туради? -Гулнинг номи - “Ҳақиқат”, уларнинг уруғи - бебаҳо. Яна шуни айтиб қўяй: “Ҳақиқат” – ягона нав, уруғини сотмайман. Қолганларидан кўнглингизга ёққанини танлайверинг. -О, менга айнан шу гуллар ёқиб қолди! Бошқалар ҳечам керак эмас! Шу гулнинг уруғи учун айтганингни беришга тайёрман! -Нима ҳам дердим, эй сайёҳ, агар истагингиз шу қадар кучли экан, мен сизга шу гулларни инъом қиламан. Сайёҳ гулларни олиб ўз шаҳрига қайтиб келибди. Айвонига алоҳида тувакда “Ҳақиқат”ни ўтқазибди. Эртасига эрталаб у хурсанд бўлиб, ўзини бахтиёр ҳис қилган ҳолда ишга жўнабди. У колбасали бутербродни олиб, сумкасига солишни ҳам унутмабди. Автобус бекатида гулчига сариқ, пахмоқ мушук суркалибди, унинг сумкаси бурчагини – айнан бутерброд турган жойни тумшуғи билан ҳидлабди. Гул ишқибози бўлган ўша одам ғазаб билан мушукни олифталарча шу қадар туртибдики, мушук бечора думини кўтарганича, кўкаламзор жойдан ўқдай учиб ўтиб, дарахт тепасига чиқиб олибди. Шу пайт автобус келибди. Гул ишқибози автобусга чиқибди. Шу лаҳзада унинг айвончасидаги қимматли гултувагидаги тупроқдан тиканак ўсиб чиққанини у хаёлига ҳам келтирмабди. Қийшиқ-шийшиқ, узун тикан ўсиб чиқибди. Гулчи бир неча бекат йўл юргандан кейин тушиши керак экан. У автобус эшигига яқинлашибди. У сумкасини одамларнинг кийимларига илинтириб, уларни туртиб-суртиб, қўпол ҳаракатлар қилибди. Бир аёлнинг сумкасини туртиб юборган экан, у норози оҳангда гапирибди: -Илтимос, сал эҳтиёт бўлинг! Гулчи тутақиб кетибди: -Сумкангизни оёқ остига қўймаслигингиз керак эди! Нарсаларингизни йиғиштириб ўтирсангиз бўлмайдими?! Гулчи автобусдан тушиб, идорасининг эшигига томон юрибди. Айвончада эса шу пайтда яна битта тикан ўсиб чиқибди. Узун, қийшиқ-шийшиқ, қаттиқ тикан ўсиб чиқибди. Гулчи ишга кечикиб борибди. Бошлиқ уни кўриб, шундай дебди: -Сиз кечикканингиз учун биз мижозимизга буюртмани вақтида жўната олмадик! Гул ишқибози кўзларини аянчли кўринишда пирпиратибди: -О биласизми, бугун эрталаб мен ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Таблеткани топиб ичгунимча, дори ёрдам бераётганига ишонч ҳосил қилгунимча... Айвончадаги гултувакда яна тикан ўсиб чиқибди. Қийшиқ-шийшиқ, қаттиқ тикан ўсиб чиқибди. Гулчи кечқурун ишдан қайтиб келганда, уйининг олдида ўзининг эски ошнасини учратиб қолибди. -Салом! – дебди ошнаси. – Ишларинг қалай? -Раҳмат, кўринишларинг жойида. Саёҳат қилиб турибсанми? -Ҳа, саёҳатга бориб турибман. Охирга марта янги гулларнинг уруғидан олиб келдим. -Зўр-ку! Омад тилайман! -Раҳмат, хайр ҳозирча! Ошнаси кетиши биланоқ, гулчи пўнғиллабди: -Сенга йўл бўлсин, тирриқ! Балконда яна битта тикан ўсиб чиқибди. Гул ишқибози юқори қаватга кўтарилибди, айвонга чиқиб, қимматбаҳо тувакда ўсаётган...тиканларни кўрибди! -Шу “Ҳақиқат”ми? – деб бақирибди у. – Бунинг нимаси “Ҳақиқат”?! Фақат тиканлар-ку! Эҳ, ёлғончи экан –ку ўша сотувчи! Уйнинг томидан айвонга сариқ мушук сакраб кирибди. У мушук – бугун эрталаб гулчининг бутерброд солинган сумкасини ҳидлаган мушук экан. Гулчи ғазабланиб хириллаб бақирибди: -Йўқол бу ердан! Мушук нари қочибди, шу зоҳоти гултувакдаги тупроқдан тикан ўсиб чиқибди. Гул ишқибози саросимага тушиб қолибди: -Мана энди маълум бўлди нимага тиканлар ўчиб чиққани, нима учун гулнинг номи бундай деб аталиши...Ма, пиш-пиш-ма, пиш-пиш. – У мушукни эркалаб ёнига чақирибди. Ўша зоҳоти гулчининг кўз ўнгида тикан ортига – тупроқ ичига кириб кетибди. Гулчи хонасига кирибди, креслога ўтириб, кўзларини юмибди-да, ўйланиб қолибди. У бирдан бугунги хатти-ҳаракатларини гўё ташқаридан томоша қилгандай кўз олдига келтирибди. У ғамгин бўлиб қолибди. Кейин илгари қилган ишлари, умуман, ҳаётда тутган йўллари хотирасида қалқиб чиқибди. Кўзлари ёшга тўлиб, йиғлабди. Эртасига эрталаб гулчи ишга отланибди. У фақат битта нарса ҳақида ўйларкан: ишга кечикмаслик, ортиқча бир сўз айтмаслик, ҳеч кимнинг дилига озор бермаслик, ҳеч кимдан хафа бўлмаслик, ҳеч кимни нохуш аҳволга солмаслик. Орадан анча вақт ўтибди. Бир куни гулчи айвонига чиқибди-ю эртакнамо гўзалликдан ҳайратга тушиб қотиб қолибди. Анчадан бери ҳеч нарса ўсмаётган гултувақда гуллар очилган эмиш. Гулларнинг барглари, худди жаннат қушларининг қанотлари сингари, қуёш нурларида товланар эмиш. Унинг кўзларидан ёшлар оқибди, у оҳиста шивирлабди: -“Ҳақиқат”ни менга инъом қилган сенга раҳмат... \ МАВЛУД СОВҒАСИ Бир камбағал бола бор экан. Унинг ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ экан. Унинг онаси ҳам, отаси ҳам йўқ экан, фақат Жумавой деган исми бор экан, холос. Жумавой каттакон бир уйнинг кичкинагина хонасида яшаркан. Уйнинг эгаси бир аёл бўлиб, жуда бой экан. Ўша бой аёлнинг кўп хизматкорлари бор экан. Уй жуда чиройли ва шинам бўлиши учун хизматкорлар кўп меҳнат қилишаркан. Ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ камбағал бола Жумавой хизматкорларга ошхона ишларида ёрдам бераркан: картошка тозаларкан, идиш-товоқларни юваркан, чиқиндиларни олиб чиқиб ташларкан. Уй бекасининг бир ўғли бор экан. Бола ниҳоятда тантиқ, қайсар экан. Боланинг ҳамма нарсаси бор экан: шкаф тўла қимматбаҳо кўйлаклари, костюмлари, қазноқча тўла туфлилари, крассовкалари ва этиклари, жуда ноёб ўйинчоқлари, рангли суратлари бор қалин-қалин китоблари, компьютерлари, видеомагнитофонлари бор экан. Аммо унинг пазл деган ўйинлари бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас экан. Бой аёлнинг ўғли арзон нарсаларни, қўллари билан йиғиши керак бўлган ўйинларни асло ёқтирмас экан. (Пазл – ёш болалар рангли суратларни тартиб билан йиғиб, ҳар хил манзаралар, воқеаларни ҳосил қиладиган, ёш болаларнинг ақлини ривожлантирадиган ўйин – таржимон изоҳи.). Камбағал бола Жумавой чиқиндиларни ахлатхонага олиб чиққанда, кўпинча нафақат синиқ ўйинчоқларни, балки бутун ўйинчоқларни ҳам топиб оларкан. Барча қизиқарли ўйинчоқлар тезда уй бекасининг ўғлига зерикарли туюларкан-у ташлаб юборар экан. Жумавой ахлатхонада ўйинчоқларни кўрганда, ўзини тўхтата олмас, уларни оларкан ва хонасига олиб кириб яшириб қўяркан. Бу эса ҳар сафар Жумавойга ташвиш келтираркан. Жумавой топиб олган ўйинчоқларини фақирона ҳолатда кичкина хонасида яширишга қанчалик ҳаракат қилмасин, уй бекаси уларни топиб олар, Жумавойни сўкар ва жазоларкан. Ўйинчоқларни эса тепиб, мажақлар ва отиб-отиб юбораркан. Аёл жуда бой экан-у хасис экан. Кечқурун соат ўнда ҳамма хоналардаги электр чироқларини ўчириш учун ўзи хонама-хона юраркан. Жумавой қоронғидан қўрқар экан. Ҳар куни кечқурун соат ўндан кейин у кўрпага ўраниб олиб, шипга қараб ётар, йиғлар ва анча вақтгача ухлай олмас экан. Бир куни Мавлуд (Рождество) байрамидан олдин ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ Жумавой шовқин кўчадан бораётган экан. Байрам арафаси бўлгани учун кўча байрамона безатилган. Жумавой бир пайт ўйинчоқ дўконининг олдига келиб қолибди. У ўзича: “Дўконга кириб, ўйинчоқларни томоша қилсам бўлади-ку”, деб ўйлабди. Пештахта орқасидаги сотувчи башанг кийинган харидор билан гаплашиб турган экан. Сотувчи Жумавойни кўриб, дебди: -Эй бола, пулинг борми? Агар шунчаки томоша қилгани кирган бўлсанг, кўча томондан қарасанг ҳам бўлади. Витринада ҳаммаси бор. Жумавой дарров кўчага чиқибди. Унинг орқасидан башанг кийинган харидор ҳам чиқибди. У Жумавойга етиб олиб сўрабди: -Отинг ким? -Жумавой. -Ота-онанг қаерда? -Менинг ҳеч кимим йўқ, ҳатто ота-онам ҳам йўқ. -Сен ким билан яшайсан? Ҳа, айтгандай, мен ҳаммасини биламан...Сен жуда бой, жуда хасис аёлникида яшайсан, унинг хизматкорисан. -Тўғри, - дебди Жумавой ҳайрон бўлиб. – Сиз кимсиз? -Мен Фариштаман. Мавлуд байрами арафасида ҳар қандай хоҳишларингни бажара оламан, истаган ўйинчоқларингни ҳам сенга совға қила оламан. -Раҳмат, лекин мендан ўйинчоқларни барибир тортиб оладилар. Фаришта кулибди: -Сен қайси ўйинчоқни олишни истар эдинг? Жумавой кўзларини ўйчан ҳолда қисиб, дебди: -Ўйинчоқ – яхши нарса, аммо биласанми, Фаришта, бу оламда мен истайдиган энг муҳим нарса – қоронғуликдан қўрқмасам, дейман. Кейин у бошини қуйи солиб, “Кечирасан”, дебди-ю тез-тез қадам ташлаб, ўша бой аёлнинг катта уйи томон кетибди, у, кўз ёшларимни ҳеч ким кўрмасин, деб ўз хонасига яшириниб олишни ҳозир жуда-жуда истаётган экан. Фаришта шовқин-сурон кўчада яна бир оз ўйланиб турибди-да, ўйинчоқлар дўконига қайтиб кирибди. Шу пайт у ерга бир аёл кириб келибди. Сотувчи хушмуомалалик билан ундан сўрабди: -Бирон нарса истайсизми? -Мени бир бой хонадонга Мавлуд байрамини нишонлашга таклиф қилишган эди, - деб тушунтира бошлабди харидор. – Жуда ҳам тантиқ, қайсар ва ҳамма нарсаси бор ўғил бола учун совға олиб боришим керак. -Аралашаётганим учун кечирасиз, - дебди қаёқдандир пайдо бўлиб қолган башанг кийинган нотаниш одам, - ўша болада биронта ҳам пазл мажмуи йўқ. Бу аниқ. Унга мана бу пазл мажмуини совға қилишни маслаҳат бераман. Нотаниш одам қутичадаги ранги ўнгиб кетган расмларни кўрсатибди. Харидор аёл бир оз хавотирлик билан аввал қутичага, кейин маслаҳат бераётган одамга қарабди. -Бе, ранги ўчиб кетган, одамнинг эътиборини тортмайдиган расм экан-ку, - дебди у. – Аммо керакли нарса айнан шу эканига сизнинг ишончингиз комилми? -Албатта, ишончим комил! Харидор аёл яна бир марта нотаниш одамга қарабди. Қиммат пальто ва туфли кийган, юзлари ҳам ёқимли – унинг қиёфаси, гапимга ишонаверинг, деяётгандай бўларкан. Аммо қутичадаги ўнгиб кетган суратлар мажмуини сотиб олиш ҳақидаги маслаҳат ҳамон шубҳа уйғотиб турар экан. Ниҳоят, аёл унинг маслаҳатини қабул қилибди. Икки кундан кейин байрам келибди. Бой аёлнинг ҳашаматли уйида меҳмонлар йиғилишибди. Улар ўйнаб-кулибдилар, еб-ичибдилар, ниҳоят, совғаларни очадиган пайт ҳам келибди. Уй бекасининг ўғли қутичалардаги совғаларни бирин-кетин оча бошлабди. У совғаларни кўриб чиқиш учун анча вақтини сарф қилибди. Бирпасдан кейин хонанинг ўртасида ёп-ёруғ рангли қоғозларнинг уюми пайдо бўлибди. Булар чиқинди ҳисобланаркан, бечора Жумавой буларни йиғиштириб, ахлатхонага олиб чиқиб ташлаши керак экан. Байрам тугагандан кейин, Жумавой ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга киришибди: чиқиндиларни халталарга солибди. Қоғоз парчалари орасида, одатдагидай, Жумавой очилмаган қутичани кўрибди. Булар – пазллар экан. Бундай воқеалар нима билан тугаши Жумавойга маълум экан. Аммо у барибир қутичани қўлтиғи остига қистириб, чиқиндилар билан тўла қопларни ахлатхонага судраб олиб борибди. Чиқиндиларни олиб чиқиб ташлагандан кейин, Жумавой хонасига югуриб борибди-да, пазлларни кўрпаси остига яширибди. Байрамнинг эртасига бу бой хонадонда ҳамма кўп ухлабди. Албатта, хизматкор Жумавойдан бошқа ҳамма ухлабди. Жумавой расмларни қизиқиш билан тахлаб чиқибди, уй бекаси уйғонгунча тахлаб чиқишга улгурибди. Мавлуд байрамидан кейин биринчи куни кеч соат ўнда, ҳар доимгидай, чироқни ўчиргани уй бекаси хизматкорининг хонасига кирибди. Уй бекаси пазллар мажмуидан ясалган расмларни кўриб қолибди. Расмлар унга рангсиз, зерикарли туюлибди. Уларни ташлаб юборишга вақтини ва кучини сарф қилишни ҳам ҳайф кўрибди. Уй бекаси расмларга бир назар ташлабди-ю, чироқни ўчириб, эшикни маҳкам ёпиб чиқиб кетибди. Жумавой қоронғуликдан қўрқиб, энди йиғламоқчи бўлиб турганда, бирдан... Бирдан у йиғиб ясаган расм шунчалик нур таратибдики, гўё унинг хонасида лампочка ёнгандай бўлибди. Жумавой нафасини ичига ютиб, нур таратаётган бўёқларга қарабди. Бўёқлар ранги ўчган пазлларни ёп-ёруғ лампочкага айлантирган экан. Расмда бошига тикандан тож кийган одамнинг сурати ва “Исо сени яхши кўради” деган сўзлар бор экан. “Раҳмат сенга, Фаришта”, - хаёлан миннатдорчилик билдирибди Жумавой нотаниш одамга ва ширин уйқуга кетибди. Шундан кейин у қоронғуликдан қўрқмайдиган бўлибди. ГУЛДОН Бир ажойиб шаҳзода бор экан. У уйланмоқчи бўлибди. Аммо кимга уйланишни ҳали билмас экан. Ҳамма қизлар унга бирдай гўзал туюлаверибди. Шаҳзоданинг уйланиши фақат унинг ўзинигина безовта қилмас экан. Ахир, шаҳзода уйлангандан кейин унинг қайлиғи ҳам шоҳликни бошқаришда шерик бўлади, малика бўлгандан сўнг, ҳокимиятни қўлга олади. Бир куни шоҳликнинг ҳамма ўлкаларига чопарлар жўнатилибди. Чопарлар: “Ҳозирда ҳукмронлик қилиб турган шоҳ билан унинг ўғли – меросхўр шаҳзода катта базм уюштиряптилар”, деб хабар берибдилар. Шоҳ базмда шаҳзодага келин танлашга қарор қилибди. Мамлакатда нималар бўлаётганини, қандай ишлар бошланганини тасаввур қилиб кўринг-а! Савдо дўкончаларидан энг чиройли ва қимматбаҳо матолар сотилиб тамом бўлибди. Бутун шоҳликдаги этикдўзлар эртаю кеч тўхтовсиз ишлашга мажбур бўлибдилар. Чунки этикдўзлар атласдан ва кимхобдан чиройли, бежирим шиппаклар тикишлари, берилган буюртмаларни бажаришлари лозим экан. Қўли гул тўқувчи аёллар бошларини кўтармасдан ишлабдилар, улар рўмолчалар, ёқачалар, қизлар кўйлаклари этакларига тўр, қадама енглар тайёрлабдилар. Ниҳоят, анчадан бери кутилган кун келибди. Саройнинг тантаналар зали базмга таклиф қилинганлар билан тўлибди. Улар ажойиб воқеаларни кутаётган эканлар. Меҳмонлар олдига шаҳзода чиқибди. -Базм бекор қилинади, - ғамгин ҳолда эълон қилибди у. Ҳамма бошқа ҳар қандай нарсани кутиши мумкин эди-ю аммо шу гапни эмас. “Нима бўлдийкин? Нимага бекор қилиндийкин?” деб меҳмонлар тушунолмай ҳайрон бўлибдилар. Шаҳзода шунчалик хафа эканки, бирон сўз айта олмабди. Сарой амалдорлари кутилмаган бу воқеага изоҳ берибдилар. Базмнинг бекор қилинишига кўнгилсиз ҳодиса сабаб бўлибди: шаҳзода тасодифан отасининг севимли гулдонини синдириб қўйган экан. Гулдонни шоҳга хотини тўйлари бўлган куни совға қилган экан. Меҳмонлар бу хабардан шаҳзодадан кўпроқ қайғуга ботибдилар. Ахир, улар саройга келиш учун анча пулларини сарф қилган эканлар-да. Овозлар шовқин-сурони бутун зални босиб кетибди. Шу лаҳзада меҳмонлар олдига шоҳнинг ўзи чиқиб келибди. У йиғилган оломонга ғамгин назар ташлабди ва шундай дебди: -Ҳурматли меҳмонлар! Сизларни байрамсиз қолдиришим адолатдан бўлмас эди, шунинг учун эълон қиламан. Агар кимдир менинг битта шартимни бажарса, базм бўлади: орангизда менинг гулдонимни елимлаб, тиклаб берадиган қиз топилса, базм бўлади. Бунинг устига, менинг гулдонимни бутун қилиб берган ўша қиз шаҳзоданинг умр йўлдоши бўлади. Меҳмонлар хурсанд бўлиб, жонланиб қолибдилар. Шоҳ сўзида давом этибди: -Лекин шуни ҳисобга олингки, гулдон янгидай бўлсин, биронта ортиқча парчаси қолмаслиги керак. Бирданига юзта қиз синган гулдонни янгидай қилиш учун синиқ парчаларини елимлашга киришибди. Ҳаммаси илҳом билан, кўзларидан ўт чақнаб, меҳнат қилибди. Иш охирига етгандан кейин, қизлар кўрсаларки, бир неча синиқ парчалар ортиб қолибди. Қизлар ортиқча парчаларни йўқотиш учун нималарни ўйламабди, дейсиз! Уларни лой билан сувабдилар, бир парчани бошқасига ичкари томондан елимлабдилар, қолганларини гулдоннинг пастки томонига яширинча солиб қўйибдилар, баъзи парчаларини гулдоннинг тубига ташлабдилар... Шаҳзода шу йўл билан қайтадан йиғилган гулдонни ҳар сафар қўлига олганда, алдам-қалдам иш қилинганини аниқлаб олаверибди. Шундан кейин фидойиларнинг меҳнатларига қаттиқ ачинган ҳолда, гулдонни синдирар экан-да, навбатдаги талабгор ишга киришаркан. Иш шундай давом этаверибди. Ниҳоят, бир қиз шундай дебди: -Кечиринг, эй гўзал шаҳзода, мен бу гулдонни тиклай олмаяпман. Қанчалик ҳаракат қилмайин, барибир, ортиқча синиқ парчалар қоляпти. Биласизми, ўша синиқ парчалар гулдоннинг нақшларига мутлақо тўғри келмаяпти. Бу қиз ҳам, олдинги дугоналари каби, синиқ парчаларни узоқ кўздан кечириб чиқибди, уларни бир жойдан бошқа жойга олиб қўяверибди. У ҳамма синиқ парчаларни ишлата олмабди, аммо ортиқчаларини яширмабди. Шоҳ бунга шунақаям хурсанд бўлибдики! Энди шоҳнинг айёрлигини очса бўлади: қимматбаҳо гулдоннинг синиқ парчаларига у сопол парчаларини ҳам қўшиб қўйган экан! -Мана шу қиз ўғлимнинг умр йўлдоши бўлади, - деб эълон қилибди шоҳ. Шундан кейин базм бошланибди, меҳмонлар чин дилдан ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилишибди. Ҳамма шоҳнинг донолигига ва шаҳзоданинг умр йўлдоши гўзаллигига таҳсинлар айтишибди. Тўйдан кейин шаҳзоданинг қайлиғи шуни билиб олибди: гулдондаги нақшлар шунчаки безак эмас, балки фасоҳат билан ёзилган севги, садоқат, раҳм-шафқат, фидокорлик, умид сўзлари экан. Сопол идишга эса қуйидаги сўзлар битилган экан: ҳасад, хушомад, такаббурлик, нафрат. Ахир, буларнинг ҳаммасини бирлаштириб бўладими?! ҲАЁТ МАКТАБИ Эртакнамо бир шаҳарда томлари қиррали, тошдан қурилган уй лар бўлган экан. Ҳар бир уйда ёп-ёруғ аланга таратадиган вивеска осиғлиқ турар экан. Бу вивескаларга қараб, уй эгаси қандай тасаввурлар билан яшаётгани дарров маълум бўлар экан. Масалан, у ерда шундай вивескалар учраб тураркан: “Фақат мен!” “Фақат мен учун!” Қуйидаги вивескалар бошқаларига қараганда ял-ял ёниб кўринаркан: “Ҳеч нарса айтмай қўявер, мен сенинг гапингни эшитмайман”, “Менга ҳамма нарса мумкин”, “Менга кўпроқ бер ёки менга энг кўпини бер, чунки менга ҳар доим оз”. Бу шаҳардаги уйларнинг эшиклари, одатда, ёпиқ бўларкан. Кўчалар, кўпинча, бўм-бўш, кимсасиз экан. Нимага шундай экан? Сиз қандай ўйлайсиз? Бир куни бу эртакнамо шаҳарга бир сайёҳ келибди. Унинг қўлида ҳасса, елкасида тўрваси бор экан. У ҳар бир эшикни тақиллатибди. Агар ичкаридан бирон жавоб бўлмаса, тўрвасидан конверт чиқариб, уйнинг эшиги остонасида қолдириб кетаверибди. Сайёҳ Салимжон Соқиевнинг уйи эшигини тақиллатибди. Бу уйдаги вивескада шундай сўзлар ёзилган экан: “Ўзим учун, ўзимга, ўзим ҳақимда”. Ичкарида нима бўлаётганини сайёҳ ҳатто тахмин қила олмабди. Уй ичи тартибсиз, бунақаси кам учраркан. Уйнинг эгаси ҳам уйнинг аҳволига мос экан: ювиниб-таранмаган, юз, қўллари ифлос, кийимлари ғижим. Ювиниб таранмаган Салимжон эшик тақиллаганини эшитиб, “Қани, бир қарай-чи”, дебди. Қараса, остонада муҳрланган конверт. Салимжон дарров конвертни олибди, эшикни ёпибди, лип этиб хонага кирибди-ю диванга ўзини ташлабди. Диван ярим йилдан бери йиғиштирилмаган, тўзиб ётган экан. Салимжон конвертни очибди: ичида “Инжил” деган қандайдир китоб билан буклет бор экан. “Азиз дўстим! – ўқий бошлабди Салимжон. – Сизни ҳаёт мактабига таклиф қиламан. Мактабдаги асосий фанлар қуйидагилардир: сахийлик, раҳм-шафқат, олийжаноблик, камтарлик, ҳурмат, мардлик, сабр-тоқат, мискинлик, сабр-қаноат. Мактабни муваффақиятли тугатганингиздан кейин сиз ҳақиқий инсон деган диплом оласиз. Шундан кейин Мен сизникига меҳмонга келаман. Ҳаёт мактабининг директори ва асосчиси Исо Масиҳ”. Салимжон, бу қанақа мактаб экан, илгари бу ҳақда ҳеч эшитмаган эдим, деб қизиқиб қолибди. “Инжил” деган ғалати номдаги қўлланмани диққат билан ўргана бошлабди. Бундан ташқари, негадир, уйида ўзини “мактаб директори Исо Масиҳ” деб айтган одамни кўриш истаги пайдо бўлибди. Бунинг устига, ҳатто бу директор билан дўстлашмоқчи ҳам бўлибди. Кундан-кунга, ҳафтадан-ҳафтага, ойдан-ойга ўтган сари Салимжон Соқиев сабр-тоқат билан “Инжил” деб ном олган қўлланманинг мазмунига кириб бораверибди. Унда ғалати ўзгаришлар пайдо бўла бошлабди. У негадир, менинг уйимда хоналар тозалаб ювилган, ўрин-тўшаклар йиғилган, идиш-товоқлар тоза, сочиқлар оппоқ, ойналар тозалигидан ялтираб туриши керак, деб қарор қилибди. Уй ёп-ёруғ ва хурсандчиликка тўла бўлганини Салимжоннинг ўзи ҳам сезмай қолибди. Эски вивеска ҳам қаёққадир йўқолиб қолибди, ўрнига аланга сингари ёруғлик таратиб янгиси пайдо бўлибди. Янги вивескада шундай сўзлар бор экан: “Бошқалар учун, бошқаларга, бошқаларни деб, бошқалар ҳақида”. Шуни айтиш керакки, ўша куни эртакнамо шаҳарга сайёҳ қўлида ҳассаси билан кириб келганда, остонада қолдирилган мактуб билан фақат Салимжон Соқиев қизиқиб қолмабди. Бошқа кўчаларда ҳам, сирли мактабнинг ўқувчиси бўламан, деб истовчилар топилибди. Шуниси қизиқки, бу шаҳардаги уйларнинг тепасида ёзилган вивескалар ўзгара бошлабди. Илгари ҳеч ким эшитмаган қуйидаги вивескалар пайдо бўлибди: “Камбағалларга ёрдам бераман”. “Айб қилганларни кечираман”, “Ёлғизлардан хабар оламан”, “Ёмонликни хаёлимга келтирмайман”. Ҳаёт мактабига кирмаганларни эса бундай эълонлар қўрқитиб, таажжубга солибди. -Бунақа тушунчалар билан қандай яшаш мумкин?! Одам фақат ўзи ҳақида ўйлаши керак, акс ҳолда, охири нима бўлади? – деб ўзаро гаплашибди улар. Аммо, қандай бўлмасин, ҳамма – мактубни қабул қилганлар ҳам, уни рад қилганлар ҳам уйларининг эшикларини очибдилар, бир-бирларига разм солибдилар. Шаҳарда одат бўлиб қолган вивескалар ўзгараверибди ва бу ҳеч кимни бефарқ қолдирмабди. Ҳамма, янги вивескалар қандай бўларкин, деб сабрсизлик билан кутибди. Уйларнинг тепасида ёп-ёпуғ нур ичида қуйидаги сўзлар ярқираб кўринаркан: “Дўстлар орттиришни истайман”, “Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг, бу менга қизиқ”, “Менда ҳамма нарса бор, бирга баҳам кўришни истайман”, “Мен билан бирга тушлик қилинг”, “Уйимнинг эшиги дўстлар учун ҳар доим очиқ”. Эртакнамо шаҳарнинг кўчалари гавжум, сершовқин бўлиб қолибди. Бу ҳолатдан эса уйлари эшигини маҳкам беркитиб ўтирган аҳоли ғазабланибди. Бу тоифа аҳоли ҳушёрлик билан “Фақат мен ўзим”, “Фақат менга”, “Меникига ҳеч қачон кирма”, “Мендан ҳеч нарса сўрай кўрмагин”, “Ҳеч нарса бермайман”, “Ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайман”, “Мен аҳмоқ ва қайсарман”, “Мен ёвуз ва очкўзман”, “Менда ҳамма нарса бор, яна истайман” каби эски вивескаларини қўриқлайверибдилар. Эҳтимол, сиз ҳам шу шаҳарда бўлгандирсиз, шаҳар кўчаларида юриб, вивескаларни ўқигандирсиз. Агарда сиз ўша шаҳарга йўл-йўлакай ташриф буюрмасдан, маълум вақт у ерда яшаб кўрсангиз, қандай бўларкин? Ўшанда уйингизнинг эшигида қандай вивеска ярқираб кўринишини истаган бўлардингиз? ЎРГАНАМАН Пўлат расмни учи ёмон чиқарилган қалам билан бўяётган экан. Қалам қоғозни тирнаб юборибди, қийшиқ чизиқлар пайдо бўлибди. Пўлатнинг ёнида акаси трансфомер ўйнаб ўтирган экан. У бўялган расмга қараб, дебди: -Қаламнинг учини чиқариш керак. Пўлат хафа бўлибди, расмни ғижимлаб, тўнғиллаб қўйибди: -Ўзингнинг биронта ҳам қаламинг йўқ-ку. Пўлат акаси билан болалар боғчасига бораётган экан. Ботинкасининг иплари ечилиб, ерга судралиб бораётган экан. Акаси Пўлатга айтибди: -Кел, тўхтайлик. Ботинкангнинг ипларини боғлаш керак. Пўлат хафа бўлибди: -Ўзингни бил, мен билан ишинг бўлмасин. Улар болалар боғчасининг эшигига етиб келибдилар. Акаси Пўлатга яна уқтирибди: -Боғча опаларинг билан саломлашишни унутма, бўлмаса. яна сенга танбеҳ беришади. Пўлат хафа бўлибди: -Сенга нима? Сенга танбеҳ бераётганлари йўқ-ку... Пўлат кун бўйи минғир- минғир қилиб юрибди: сайрга чиққанларида ҳам, тушлик пайтида стол атрофида ўтирганларида ҳам, тушликдан кейин ухлашга ётаётганларида ҳам, боғчадан уйга келганда ҳам. Хуллас, у катта бўлиб, мактабга борганда ҳам минғир-минғир қилаверар экан. Бир куни Пўлатга ўқитувчиси айтибди: -Сен уй вазифасини ёмон бажарибсан, қа йтадан қилишингга тўғри келади. Ҳаракат қилгин, илтимос. Пўлат уйга келиб шикоят қилибди: -Нима, мен ҳаракат қилмабманми?! Ҳамма ҳам аълога ўқийвермайди-ку! Пўлат саккизинчи синфда ўқиётганда, меҳнат дарсида топшириқни бажараётган экан: мактаб гардероби учун металлдан рақамлар ясаётган экан. Меҳнат ўқитувчиси унга дебди: -Кел, аррани сенга қандай ушлашни ўргатиб қўяй, токи сенга қулай бўлсин. Пўлат хафа бўлибди: -Менга қайсиниси қулай, қайсиниси ноқулай – ўзим биламан Ўқитувчи елкасини қисиб дебди: - Сен ўрганмоқчисан деб ўйлабман... Пўлат катта бўлганда ҳам, одамлар уни “қўпол, ўзбиларман, қайсар” деб айтаверибдилар, ўзига қаратилган таъналарни эшитаверибди. Пўлат бунга фақат қўл силтаб кетавераркан. Бир куни жамоатхонада унга танбеҳ берибдилар: -Пўлат, одамлар билан бунақа қўпол гаплашиш мумкин эмас. -Ҳамма ўзини билсин! – деб у одати бўйича жавоб берибди. Бошқа сафар ундан илтимос қилибдилар: -Мана бу бувижонга ёрдам бергин. У сен яшайдиган кўп қаватли уйда истиқомат қилади. Бир ўзи жамоатхонага бора олмаяпти. Сенинг машинанг бор-ку, уни бирга олиб боргин. -Нимага ҳаммаларингиз менга ёпишиб олдингиз?! – жаҳлланибди Пўлат. – Кампирга ўзларингиз ёрдам беринглар, менга нима алоқам бор унинг?! Нимага ҳаммаларингиз менга ақл ўргатаверасизлар?! -Ўйлабмизки, сен ўрганишни хоҳлайсан деб... Пўлат бу сафар ҳеч нарса жавоб бермабди. Бирдан у меҳнат ўқитувчисини эслабди: қачонлардир шу ўқитувчи ҳам унга шу гапни айтган эди. Пўлат уйга келибди, тўрт варақ оқ қоғоз олибди ва ҳар бир вараққа қуйидаги саволни ёзиб чиқибди: “Нимага одамлар менга танбеҳ бераверадилар”. Биринчи вараққа у шундай жавобни ёзибди: “Чунки мени ҳамма яхши кўравермайди”. Иккинчисига “Чунки мени яхши кўрадилар”, деб ёзибди. Учинчисига “Менга ҳамма ёмонликни раво кўради” деб ёзибди. Тўртинчисига “Менга ҳамма яхшиликни раво кўради” деб ёзибди. Кейин у варақларни қўлида ушлаб турибди-да, уларнинг ўрнини алмаштириб кўрибди, бирини ўзидан нарироқ узоқлаштириб, бошқасини ўзига тортибди. Пўлат бир оз ўйланиб туриб, иккита варақни ғижимлабди ва уларни ахлат челагига ташлабди. Натижада унинг қўлида иккита ният қолибди: “Чунки мени яхши кўрадилар. Чунки менга яхшиликни раво кўрадилар”. Пўлат чуқур нафас олибди ва ўзига ўзи дебди: “Энди ҳеч ҳам хафа бўлмайман. Ўрганаман”. СЕРЖАҲЛ ДОКТОР Мўмин деган бола лунжини ушлаганича дадасининг ёнига келиб, кўзларида ёш билан дебди: -Тишим оғрияпти. Дадаси хавотирланибди. -Тиш докторига бориш керак. Ота ўғлини олиб, стоматологик поликлиникага жўнабди. Тиш доктори Мўминни жуда хушмуомалалик билан қабул қилибди, уни креслога ўтқазиб, оғзингни очгин-чи, дебди. Мўмин докторнинг айтганларини сўзсиз қилибди. Доктор Мўминнинг оғзини текшириб кўриб, дебди: -Қара-я, тишларинг жудаям текис экан! Қани, санайлик-чи, нечта экан – бир, икки, уч... Ҳаммаси бўлиб ўттиз иккита! Баракалла! Ниҳоятда тарбияли, яхши бола экансан! Мулойим гапираркансан...Бўлди, тур ўрнингдан, Мўминтой, уйингга боравер, ҳа, ақллигинам. Мўмин тиш докторининг ҳар бир сўзидан кулиб, хурсанд бўлиб кетибди. У ўзини бахтиёр ҳис қилиб креслодан турибди ва шод-хуррам бўлганича кабинетдан чиқибди. -Хўш, ўғлим, нима бўлди? – хавотир бўлиб сўрабди дадаси. -Жуда яхши тиш доктори экан! – деб жавоб берибди Мўмин. – Жуда меҳрибон! Менга фақат яхши гапирди. -Тишинг-чи? – суриштира бошлабди дадаси. -Вой, оғрияпти... Мўминни дадаси қўлидан етаклаб, бошқа тиш докторига олиб борибди. Мўмин докторнинг кабинетига кирибди, креслога ўтириб, оғзини очибди. -О, кариес жуда катталашиб кетибди-ку! – бир оз шафқат қилмай гапирибди доктор. Мўмин хафа бўлибди: -Ўттиз иккита тишим бус-бутун, оппоқ, текис турибди! -Бунинг устига, кариесга анча бўлибди, ўтказиб юборилган! – гапида давом этибди доктор мижозининг гапини эшитмагандай. – Даволаш керак, пломба қўйиш керак. -Тишимни тешасизми? – қўрқиб сўрабди Мўмин. -Тешаман, - қатъий оҳангда дебди доктор. – Йирингни чиқариб ташлаб, кейин пломба қўйиш лозим. Мўмин йиғлаб юборибди: -Илтимос, илтимос...Энди ширинлик емайман, аччиқ дорини ичаман, ота-онамнинг айтганларини қиламан. Фақат илтимос: тишимни тешманг! Доктор пешонасини тириштирибди: -Ширинликларни еяверасан, аччиқ дориларни ичишингга тўғри келмайди. Ота-онангнинг айтганларига, албатта, ҳар доим, тишингни даволаганимдан кейин ҳам қулоқ солишинг керак. Мўминни дадаси коридорда кутиб турибди. У бормашинанинг шовқинини, метал асбобларнинг чарақ-чуруқ овозларини эшитибди. Буларнинг орасида Мўминнинг ҳиқиллаб йиғлаганини, вой-войлаганини ҳам эшитибди. Ниҳоят, ҳамма овозлар тинибди, тиш докторининг кабинетидан Мўмин чиқиб келибди. Хўш, ўғлим, қалай бўлди? – дея хавотирланиб сўрабди дадаси. Мўмин чўнтагидан конфет чиқариб, очибди. Қоғозини дадасига бериб, конфетни бутунисича оғзига солибди. -Энди ҳеч қачон бу сержаҳл докторга бормайман! – дебди Мўмин. – Менинг текис, чиройли тишим бўла туриб, у фақат битта кариесни кўрди ва у ҳақда гапирди! -Тишинг қалай, оғримаяптими? - деб яна сўрабди дадаси. -Тишим оғримаяпти. Аммо бу докторга энди ҳеч қачон келмайман! Тишларимни ҳар куни тозалайман, сут ичаман, творог ейман, овқат еганимдан кейин оғзимни чайқайман... Лекин бу докторга ҳеч қачон келмайман! КУН ТАРТИБИ Бир одам бор экан, у доим иш билан банд экан. У тиришқоқ, ишни доим вақтида бажараркан, ҳамма нарсада тартиб бўлишини яхши кўраркан. Бу одамнинг ҳар бир куни ҳатто дақиқаси бўйича тақсимланган экан: 7.00 – уйқудан туриш. 7:30 – гаражга машина учун бориш. 7:45 – ишга кетаётиб ўғилни мактабга ташлаб ўтиш. 9:00 – иш кунининг бошланиши: ҳужжатларни текшириш, қўнғироқлар, учрашувлар, объектга чиқиш. 18:00 – иш куни охири. 18:30 – уйга келиш, енгил овқатланиш. 19:00 – ўғли уй вазифасини бажарганини текшириш. 20:00 – хотини ва ўғлини олиб бассейнга бориш. 22:00 – уйга қайтиш. Почта, интернет билан ишлаш. 23:30 – уйқуга кетиш. Бу интизомли одам бир куни, Худо бор, Худо – ҳамма одамзод ва ҳамма нарса устидан, Унга ибодат қилиб сўраладиган нарсалар устидан бошлиқ, деган гапни эшитиб қолибди. Ишчан одам жиддий равишда кундалик жадвалига қарабди. Афсус, унинг жадвалида ибодат қилиш учун бир дақиқа ҳам вақт йўқ экан. Ягона имконият – уйқудан уйғониш вақтини олдинга кўчириш, ярим соат олдин уйғониш ва кунни Эгамиз Худога ибодат қилиш билан бошлаш экан. Шундай қилиб, кун тартибига қуйидагича тузатиш киритилибди: 6:30 – уйқудан туриш, ибодат. Дастлабки вақтларда бу янгиликка кўникиш қийин бўлибди. Ибодат унинг амалий ишларига асло ўхшамас экан. Зотан, у амалий ишларининг натижаларини ҳар доим кўриб, ҳис қилиб турар экан. Шунга қарамай, тиришқоқ ва интизомли одам ҳар бир кунни ибодат билан бошларкан – ахир, ибодат унинг кун тартибида бор экан-да. Вақти-соати келиб, ишчан одам эрталабки ибодатнинг ўзи кифоя эмаслигини сезибди. Чунки у Худодан ёрдам ва мадад сўраркан-да. Унда ўзининг ютуқлари ва муваффақиятсизликлари ҳақида Худога айтиш истаги туғилган экан. Ишчан одам ўзининг кун тартиби жадвалига қарабди ва иккинчи ибодат учун вақт ажратибди. У ухлашга ётиш вақтини ярим соат орқага суришига тўғри келибди, энди у олдингидан ярим соат кеч ухлайдиган бўлибди. Йиллар ўтаверибди. Ўғли катта бўлибди, энди ўғлининг уй вазифаларини текширишга ҳожат қолмабди. Унинг ёши ҳам анчага бориб қолибди, ишчан одам соғлиғи туфайли энди бассейнга боролмайдиган бўлиб қолибди. Маълум вақт ўтгандан кейин фирманинг ишлари билан анча улғайиб қолган ўғли шуғулланадиган бўлибди. Ўғил учрашувларни тайинларкан, музокаралар олиб бораркан, объектларга бораркан. Ишчан одам кексайибди. Энди унинг зиммасида дўстлар билан учрашувлар, хотини билан бирга набираларидан хабар олишга бориш, табиатга саёҳат...ва бошқалар қолибди, холос. Аммо ҳар куни энг хурсандчилик вақти эрталаб ва кечқурун экан. Унинг кун тартиби жадвали ўзгариб кетганига қарамай, ибодат вақти илгаригидай ўзгармасдан қолаверибди. Ўғил отасидан нафақат фирмани, балки тартибни, масъулиятни ва интизомни ҳам мерос қилиб олган экан. Кунларнинг бирида ўғил отасига, вақтим етишмаяпти, деб шикоят қилибди. -Қани, ўғлим менга кун тартиби жадвалингни кўрсатгин-чи, - деб илтимос қилибди отаси. Кун тартиби ҳаддан ташқари тиғиз экан. Отаси кулиб, ўғлига меҳрибонлик билан дебди: -Ўғлим, кун тартибингга яна битта пункт қўшиб қўй – ибодат қилиш учун вақтни қўшгин. ЧИРМОВИҚ Буғдойнинг олтин бошоқлари пишиб тўлишиб бораркан. Бошоқлар йирик-йирик донларнинг оғирлигидан бошларини қуйи тушириб, ўрим-йиғимни кутиб ётган экан. -Ўҳў, бошоқларнинг тўлишганини қаранглар! – деб одамлар бошоқларга завқ билан қарарканлар. Ерда буғдойларнинг томирида чирмовиқ узала тушиб ётганини ҳеч ким пайқамабди. Далага у қаердан келиб қолдийкин? Чирмовиқ битта бошоқ олдига судралиб келиб, секин шивирлабди: -Сизларга қараб жуда ачиниб кетяпман-да! -Нимага энди? – деб сўрабди бошоқ. -Ахир, сизлар ёмғирда ҳам, жазирама иссқиқда ҳам тамомила ҳимоясиз қоласизлар-ку. Қанчалар оғирликни кўтариб турасизлар! Мана, бошларингизни қуйи солиб олибсизлар...Сизларга, айниқса, сенга жуда раҳмим келади. Сен ҳаммага ўхшамагансан. Гаплаша оласан, гапга қулоқ соласан. Сенга ғамхўрлик қилиш истагидан юракларим шунчалик ёнадики! Бошоқ чирмовиқнинг гапига қулоқ солиб турибди, бошини янада қуйироқ туширибди. -Гапимга ишонавер, - қатъий оҳангда шивирлабди чирмовиқ. – Сен бутунлай менга ишонсанг бўлади. Мен сенинг таянчинг бўламан. Шу сўзлар билан чирмовиқ буғдой пояси бўйлаб ўрмалаб чиқаверибди. Бошоқнинг учига етиб боргунча, у бошоқни чирмаб бораверибди. -Ўзингни анча енгил ҳис қиляпсанми, энди бошингни қанчалик баланд тута оласан? – деб сўрабди чирмовиқ. Бошоқ қаддини тўғрилаб, тик бўлгандан кейин ҳамма нарсага баланддан қарайдиган бўлибди. -Ҳақиқатан ҳам, мен энди қандайдир қадди эгилган эмас, балки хушқомат, даладаги энг чиройлисиман! – деб мағрурланибди бошоқ. – Тфу, атроф манзара нақадар ачинарли-я, ҳаммасининг бошлари эгилган...Ҳа, улар ўзлари кўрмайдиган ўрмонларни, бошларини кўтариб, кўзлари билан кўрмайдиган булутни, борлигига ҳақиқатан шубҳа қилмайдиган дарёни улар қандай билсин?! Биласанми, - деб гапида давом этибди бошоқ ҳаяжон билан, – сен менинг ҳақиқий дўстим экансан! Сен бўлмаганингда, мен ҳеч қачон атроф оламни кўриб-билмаган бўлардим. Чирмовиқ жавоб бермабди. У энди гапиришни умуман истамас, уни фақат уйқу босиб келаверибди. У сарсон бўлиб юра-юра, ниҳоят, шинам жойни топиб олибди. Энди бошоқнинг илдизидан намни сўриб, тобора кучайиб, мустаҳкам бўлиб бораверибди. Чирмовиқ ўсиб, жой торлик қилиб қолибди. Шунда у ҳеч кимдан сўрамай, ёнбошдаги бошоққа ўтибди. Охири, шундай кун келибдики, буғдой пояси қуриб, мўрт бўлиб қолибди ва бу ҳолатни бошоқ сезибди. -Бу нимаси бўлди? – деб қўрқув ичида сўрабди ва анча вақтдан кейин биринчи марта пастга қарабди. У ваҳима ичида кўрибдики, чирмовиқ энди унга тиргак бўлмаяпти, балки унга суяяниб турибди. -Ие, қаранглар, бутун даладаги буғдой эгилиб қолибди, фақат битта бошоқ тик ўсяпти, - деб ҳайрон бўлибди шу атрофдан ўтиб бораётган одамлардан бири. -Эшитишимча, далага чирмовиқ тушибди, - деб изоҳ берибди унинг ўртоғи. -Бу ҳужум қаердан пайдо бўлибди экан-а? – деб қайғурибди одамлар. Юқорига ўсиб бораётган бошоқни биринчи бўлиб кўрган одам келиб, чирмовиқни томири билан суғуриб олибди. Бошоқлар бир-бирига тақилиб, шод-хуррамликдан тебрана бошлабдилар. БЕФАРОСАТ ОДАМ Чарақлаган қуёш, тип-тиниқ осмон – шанба куни дам олиш учун бундан бошқа яна нима керак?! Икки киши подъезддан чиқибди. -Қаерга кетяпсан? – деб сўрабди улардан бири. -Жамоатхонага. Бугун болаларнинг Худога хизмат қиладиган куни, - деган жавоб бўлибди. -Шундай ҳавода-я? Эҳ бефаросат! Мен эса футболга кетяпман – дадил, эпчил бўламан! Ёмғир ёғмоқда. Уйларнинг томидан сув оқмоқда, дарахтларнинг яланғоч танасидан ёмғир сувлари оқиб тушмоқда. Ўша иккаласи подъезддан чиқиб қолибди. -Қаерга кетяпсан? – деб сўради улардан бири. -Жамоат хорида репетиция қилгани кетяпман, - деган жавоб бўлибди. -Шундай ҳавода-я? Эҳ, бефаросат! Мен эса дискотекага кетяпман - замонавий, модадаги одам бўламан! Қишнинг совуқ куни. Яна иккаласи подъезддан чиқиб қолибди. -Қаерга кетяпсан? – деб сўрабди улардан бири. -Жамоатхонага. Бугун якшанба-ку! -Шундай совуқда-я? Эҳ, бефаросат! Мен коньки учгани кетяпман – чиниқиб, соғлом бўламан! Анча йиллар ўтибди. Ҳаво очиқ кунларнинг бирида подъезддан иккита қария чиқибди. Улар судралиб скамейкага етиб бориб, ёнма-ён ўтирибдилар. -Эҳ, қаридим, ҳеч кимга керак бўлмай қолдим... Ҳаёт тез ўтиб кетди, - аранг гапирибди бири. – Эсимда: қачонлардир футбол ўйнаган эдим, энг зўр ўйинчи эдим. Дискотекада танцага тушадиганларнинг энг биринчиси эдим, коньки учишда энг яхшиси эдим...Биласанми, ҳеч кимга керак бўлмай қолдим, аммо эслашга арзийдиган воқеалар бор. Сенда нима ҳам бўларди, бефаросат! -Нега шундай бўлар экан?! Менда ҳам эслашга арзийдиган нарсалар бор. Эсимда: жамоатда болалар Худога хизмат қилган пайтлари менга, Худо сизни яхши кўради, деб айтардилар. Жамоат хорида куйлаганим эсимда. Ажойиб ваъзларим ҳам эсимда: ваъз қилганимда, имонли бирдарларим менга, Худо сизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди, деб айтган эдилар. Яна: биз - инсонларнинг ташқи томони қарийди, ички томони эса янгиланади, мен учун осмонда маскан ва чиримайдиган мерос тайёрлаб қўйилган. Ҳа, ҳаммасини эслайверсам, вақт етишмайди, - деган жавоб бўлибди. -Қара, кимгадир машина келди, - ғамгинлик билан чуқур хўрсинибди улардан бири. -Менга келди. Бугун якшанба, жамоатхонага борадиган вақт бўлди. Худога хизмат менсиз ўтмайди! – кулибди иккинчиси хурсанд бўлиб. ЧАҚИМЧИ Болалар боғчасида Лола расм бўяётган экан. Унинг олдига Собир югуриб келибди-да, унинг қўлидаги қаламни тортиб олиб, шундай дебди: -Арча остидаги қўзиқоринни равшан қилиб бўяш керак. -Бу менинг бўёқларим! – Лола хафа бўлиб, боғча опасини баланд овозда чақирибди: - Марям Абдуллаевна! Қаранг, Собир менга ҳалақит беряпти! Собир Алижон деган боланинг ёнига келиб, унга дебди: -Лола ёмон қиз, тўғрими? -Қизғанчиқ ҳам, - деб қўшилибди Алижон, - яна чақимчилик ҳам қилади. Собир билан Алижон Валижонга гапиришибди: -Биласанми, Лола, қизғанчиқ, ёмон қиз, чақимчи, - бир-бирига гап бермай уни ишонтирмоқчи бўлибдилар иккаласи. -Ие, шунақами? – ҳайрон бўлибди Валижон. – Мен билмаган эканман. У мени туғилган кунига таклиф қилган эди. Энди нима қилиш керак? -Нима қилиш керак дйсанми? Туғилган кунига борма! Лола расмни бўяшни тугатибди. Унинг дугонаси Карима бўялган расмга қараб, шундай дебди: -Вуй, жудаям чиройли чиқибдики! -Истасанг, сенга совға қиламан, - дебди хурсанд бўлган Лола. -Жудаям истайман! Лола бўяган расмини Каримага берибди. Карима эса унга гапирибди: -Мен рақсга тушишни ўрганяпман. Мен ҳозирда вальс тўгарагига боряпман. -О, мунча яхши! Мен ҳам рақс ўрганишни жудаям хоҳлайман, - дебди Лола. Хонанинг нариги бурчагидан Собир, Алижон ва Валижон қизларга шубҳа билан қараб турган эканлар. -Лола яна Каримага биз ҳақимизда ёмон сўзлар гапиряпти, - дебди Валижон. -Тўғри, ахир, улар ғийбатчилар-ку, - деб пўнғиллабди Собир. Марям Абдуллаевна юз берган воқеаларни кўриб, уларнинг гапларини эшитиб турган экан. У ўғил болаларнинг олдига келиб, уларга жиддий айтибди: -Яхши одамлар ҳар доим суҳбатлашгани ўзларига лойиқ мавзу топадилар, ёмон одамлар эса бошқалар ҳақида гапирадилар. Мен сизларнинг суҳбатингизни эшитдим, мен сизларни яхши болалар деб айтмаган бўлардим. Собир қайнаб кетибди: -Лола-чи? Шунақангги ёмонки! Ахир, у менга бақира бошлади-ку! Қўзиқориннинг расми чиройли чиқсин деб, мен унга ёрдам бермоқчи бўлдим. -Нима учун Лола ғийбат қиляпти? – деб қўшимча қилибди Валижон. -Лола қизғанчиқ! Бунинг устига, у Карима билан бирга бизни ғийбат қиляпти! – жаҳл билан гапирибди Алижон. Шу лаҳзада боғча опанинг ва болаларнинг олдига Карима билан Лола келишибди. -Марям Абдуллаевна, Карима валсга тушишни ўрганяпти экан, - дебди Лола. – Ҳозиргина у менга бу ҳақда айтди. -Мақтанчоқ! – эшитилар-эшитилмас пинғиллаб қўйибди Алижон. Валижон бирдан бошини қуйи солганича, дўстлари ёнидан нари кетиб, Лоладан сўрабди: -Сенинг туғилган кунингга қайси вақтда борай? САРГУЗАШТ Комрон Дониёрникига меҳмонга келиб, уни берилиб китоб ўқиётганини кўрибди. -Нима ўқияпсан? – деб сўрабди Комрон Дониёрдан. -Саргузашт асар, - Дониёр бошини кўтариб, ёниб турган кўзларини Дониёрга тикибди. – Шунақангги кескин бурилишлар, саргузаштлар, шунақангги қаҳрамонлар борки! - деб тасаввурларини ўртоқлаша бошлабди у. – Шунақа одамлар ҳақида ёзишади! Улар ожизларга ёрдам берадилар, дўстларини сотмайдилар, ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдилар! Жуда зўр! Комрон китоб шкафи ёнига келиб, покаларда терилган китобларга қараб, дебди: -Кутубхонанг катта экан. -Ҳа, деярли ҳаммасини ўқиб чиққанман. Сен ҳам кўп ўқийсанми? -Ҳар куни ўқишга ҳаракат қиламан, - деб жавоб берибди Комрон. -Қайси китобни ўқигансан? – деб сўрабди қизиқиб Дониёр. -Муқаддас Китобни. Дониёр кулибди. -Э, қўйсанг-чи! Мен қизиқарли китобларни ўқийман, уларда шундай воқеалар ҳикоя қилинадики! Бу китобларни энг машҳур ёзувчилар ёзган. Сен фақат Муқаддас Китобни ўқиганмисан? -Фақат шуни эмас. Муқаддас Китобдан ташқари, сен сингари, бошқа китобларни ҳам кўп ўқиганман. Аммо ҳар доим шу китобга қайтиш истаги менда кучли. Бу китобда ҳамма ёзилганлар ҳақиқий. Тўқиб чиқарилмаган, - дебди Комрон. -Саргузашт воқеалар ҳам борми? -Саргузашт воқеалар ҳам бор. Фақат юз берган воқеаларнинг мазмуни бўйича, китобхонни жалб қилиш учун эмас. -Мазмуни бўйича деганинг нимаси? -Муқаддас Китобдаги барча саргузаштлар одамларни қизиқтириш учун эмас, балки одамларга нажот бериш учун баён қилинган. Китобда ёзилган ҳамма воқеалар – севги ва кулфат ҳақида, шодлик ва кўз ёшлари ҳақида. Саргузашт воқеалар эса одамларга нажот бериш учун ёзилган. Чунки Муқаддас Китобнинг муаллифи – Худонинг Ўзи! Ҳамма нарсани У яратган, инсонга ҳақиқатан нима кераклигини фақат У билади! -Аммо Муқаддас Китоб жуда эски. Фақат ўша китобнинг ўзини ўқийверсанг, тараққиётдан орқада қолиб кетасан, – деб шубҳаларини билдирибди Дониёр. Шунда Комрон кулибди-да, шундай дебди: -Муқаддас Китоб, шубҳасиз эски. Аммо ўша қадимги даврлардан бери инсон учун муҳим бўлган ва асрлар давомида муҳим бўлиб қоладиган асосий нарсаларни сақлаб келган. Мана шунинг учун ҳам Муқаддас Китоб энг илғор китоб ҳисобланади! Шу сўзлардан кейин Дониёр жим бўлиб қолибди ва ўйчан ҳолда дебди: -Мен Муқаддас Китобни ўқиётганимни ҳамма билиб қолса, устимдан кулишади. -Сен “ҳаммадан” қўрқишни қаердан ўргандинг? Биласанми, одамни қўрқувдан нима қутқаради? Худодан қўрқув! Худодан қўрқсанг, одамлар мен ҳақимда нималар айтар экан деб эмас, балки Худони хафа қилмай, деб қўрқадиган бўласан. Худодан қўрқадиган одам хиёнаткор бўлмайди, ожизни ҳимоя қилади ва ҳақиқатни гапиради, энг зўр қаҳрамондан ҳам юксак бўлади. -Нимага китобларда, Худо йўқ, деб ёзадилар? -Маънили китобларда ҳали бунақасини ёзмаяптилар, агар ёзсалар, ундай китобларни ўқишнинг нима ҳожати бор?! -Сен нажот топиш, қутқарилиш ҳақида гапирдинг. Биз нимадан нажот топишимиз, қутқарилишимиз керак? – деб сўрабди Дониёр. -Вақтинчалик, ўткинчи нарсаларнинг ҳаммасидан қутқарилишимиз керак. Чунки бу нарсалар худди ўргимчак тўри сингари, одамни ўраб олади, Худо билан мулоқот қилишга ҳалақит беради. Худди сенинг саргузашт китобларингга ўхшайди. Ахир, бу китоблардан ҳам узилиб бўлмайди-ку. -Тан олиб айтишим керакки, мен Муқаддас Китобни ўқишга ҳаракат қилиб кўрдим, аммо бу китобдан жалб қиладиган ҳеч нарса топмадим. Ҳатто кўп нарсани тушунмадим. Қанақасига унда саргузашт бўлсин... -Сен меникига келгин, бирга ўқиймиз, - таклиф қилибди Комрон кетишга чоғланаётиб. -Албатта келаман. Мен ҳам саргузаштларга дучор бўлдим, - дебди кулиб Дониёр. -Қандай саргузашт? – ҳайрон бўлибди Комрон. -Ҳақиқий саргузашт. Сен меникига келдинг, мен эса китобларда ёзиладиган ҳаёт ҳақида эмас, ўзимнинг ҳаётим ҳақида ўйлаб қолдим. КЎПРИК Бор экан, йўқ экан, бир мамлакатнинг шоҳи бўлган экан. У сахийлиги, олийжаноблиги ва мардлиги билан анча шуҳрат таратган шоҳ бўлган экан. Унинг шоҳлиги чек-чегараси йўқ жойларгача ёйилиб кетган экан. Бу шоҳнинг фуқаролари бой-бадавлат бўлиб, мўл-кўлчиликда яшаган экан. Улар мато тўқирканлар, либослар тикарканлар, далалардан, боғлардан мўл ҳосил олишаркан. Шоҳ эса ўз фуқароларига қўй жунидан тўқилган ажойиб кийимлар ҳадя қиларкан. Қўйлар шоҳга қарашли яйловларда боқиларкан. Қўйларнинг жуни, худди булут каби, майин, оппоқ экан. Шоҳ бахтиёр, хотиржам бўлгани сари, унинг қўйлари жуни шунчалик юмшоқ бўлиб борар экан. Қўйлар тароқлар олдига бориб, устларидаги жунни ўзлари тараб оларканлар. . Худди шундай – бу қурилма “тароқ” деб номланар экан. Бу давлатнинг аҳолиси шоҳни яхши кўришар экан. Одамлар шоҳнинг ҳузурига кийимларини янгилайдиган пайтдагина эмас, балки ўзларидан бор нарсалар учун, шоҳ олийжаноб бўлгани учун, ҳаммани тушунгани учун миннатдорчилик билдиргани келишар экан. Шоҳликдаги бахтли ҳаёт абадий давом этиши мумкин экан. Аммо бир куни узоқ кўланка шоҳлигидан ёвуз аждаҳо учиб келибди. Аждаҳо ҳар доим шоҳга ҳасад қилиб келаркан. Шоҳни ҳамма яхши кўргани учун, чиройли қалин, майин жунли қўйлари борлиги учун унга ҳасад қиларкан. Аждаҳо, қўйларни шоҳликнинг аҳолисига берасан, деб шоҳни мажбур қилибди. Аждаҳо ўйлабдики, одамлар қўйларни еса эди, жундан тўқилган кийимлар уларнинг ичида пайдо бўларди, уларнинг ичидаги кийимлари бир умрга етади, деб ўйлаган экан. Агар кийимни янгилаш керак бўлса, одамлар шоҳнинг олдига келиб, уни безовта қилишига ҳожат қолмайди. Аждаҳонинг ишончи комил эдики, шоҳ атайлаб қўйларини ўз шоҳлиги аҳолисига тарқатиб бермайди, чунки ҳамма шоҳнинг ҳузурига келиб, унга таҳсин ўқишларини истайди, деб ўйлаган экан аждаҳо. Бу ёвуз ва ҳасадгўй аждаҳо ана шундай ўйлаган экан. Мана шунинг учун ҳам аждаҳо деб ном олган экан-да. Фақат шоҳлик аҳолиси қўйларнинг одамларга бўлиб берилишини истамабди. Аждаҳо эса бундан ғазабланибди. Аҳоли шоҳ билан мулоқот қилиш имкониятидан хурсанд бўларкан. Шоҳ аҳолига қўй жунини инъом қилганда, буни аҳоли шоҳнинг ўз фуқароларига севгисига гувоҳ сифатида қабул қиларкан. Шунда ёвуз аждаҳо кўланка шоҳлигидан яна учиб келиб, олов пуркабди. Шоҳликни катта жарлик иккига бўлиб қўйибди. Бир қисмида шоҳнинг фуқаролари, иккинчисида – шоҳ билан унинг аъёнлари яшайдиган бўлибди. Жарлик лойқа сув билан тўлибди. Бу сув жарликнинг энг тубидан чиқар экан. Энди одамлар шоҳнинг ҳузурига кела олмайдиган, шоҳ ҳам одамлар билан мулоқот қила олмайдиган бўлиб қолибди. Аждаҳо бўлинган шоҳлик устида учиб юрар ва қаҳ-қаҳ отиб куларкан. -Шоҳсиз кун кечиришни ҳам ўрганинглар! – деб бақирар экан шоҳнинг собиқ фуқароларига. – Ўзларингиз бошқа нарса ўйлаб топиб, ўша нарсалар орқали шод-хуррам бўлинглар! Шоҳнинг собиқ фуқаролари олдинги даврлардаги – хотиржам ва бахтиёр кун кечирган кунлардаги кийимлар ҳисобига яшашда давом этар эканлар. Қўйлар булутдай оппоқ жунларини энди тарамай қўйибди. Шоҳ жуда ғамгин бўлиб қолибди, аммо бунга у кўникиб қолавермабди. Шоҳ фуқаролар билан узилиб қолган мулоқотни давом эттириш учун режа ўйлаб топибди. Бу режага кўра, шоҳ кўприқ қурмоқчи бўлибди. Хабарчи каптар одамларга нажот топишнинг батафсил режасини ва кўприкнинг лойиҳасини етказибди. Иш бошланибди. Фақат ниҳоятда тайёргарлиги яхши бўлган, жасур, садоқатли, танланганларгина бу улкан лойиҳада иштирок эта олибдилар. Кўприк қурилишида иштирок эта олмаган фуқаролар эса ўзларининг булутдай оппоқ кийимларини ишлаганларга берибди. Иш тупроқ ва лой ичида бўларкан: одамлар тросларни тортиб маҳкамларканлар, қозиқоёқлар қоқарканлар, тирговичлар ўрнатиш учун чуқур қазирканлар. Ҳар куни ишдан кейин узоқ вақт ювиниб, кийимларини тозалашга вақтлари кетаркан. Бу гуруҳга ҳам журъатли одамлардан энг довюракларини танлаб олибдилар. Улар нариги қирғоқда қурилиш ишларини олиб бориш учун қайиқда сузиб ўтарканлар. Уларнинг бир қанчаси ҳалок бўлибди. Бу қирғоққа соғ-саломат қайтиб келганлар яхши хабарлар олиб келибдилар, ҳаммалари шоҳнинг ўзидан эшитганларини оқизмай-томизмай айтиб берибдилар. Йиллар ўтаверибди. Одамлар кўприкни қуришда давом этаверибдилар. Ниҳоят, жарликнинг тубига иккита қозиқоёқ қоқишга тўғри келибди. Бу хавфли ишни бажаришни шоҳ ўз зиммасига олибди. У жарликни тўлдирган сассиқ сувдан жирканмасдан мардларча ҳаракат қилибди, жарликнинг энг тубига тушиб, у ерда аждаҳонинг ёвуз малайлари билан тўқнашибди. Улар шоҳга ҳужум қилибдилар, унинг устидан масхаралаб, кулибдилар. Аммо ҳеч нарса шоҳга ҳалақит бера олмабди. У жарлик тубидаги ишни бажарибди: қозиқоёқларни қоқибди, гирдоб ҳар қанча уринса ҳам, шоҳни ўз домига торта олмабди. Кўприк қурувчилар шоҳнинг жарлик тубидан қайтишини қўрқув ва хавотирлик билан кутиб турган эканлар. Улар шоҳни тирик ва соғ-саломат кўрганларидан кейин, бахтиёрликдан ўзларининг етишмовчиликларини ҳам унутиб қўйибдилар. Уларнинг кучига куч қўшилибди. Улар янада катта ғайрат билан ишга киришибдилар. Кўприк ҳам қуриб битказилибди. Кўприкнинг очилиши шоҳлик тарихида энг буюк воқеа бўлибди. Энди одамлар шоҳнинг ҳузурига булутдай оппоқ жундан тўқилган янги кийимлар олгани келадиган бўлишибди, кийимларни яна шоҳнинг қўлидан олишаркан. Биласизми, янги кўприкдан биринчи бўлиб ким ўтибди? Кийимлари лой, тупроқдан қоп-қорайиб, тўзғиб кетган одам ўтибди. У кўринишидан ҳам, хатти-ҳаракатидан ҳам ҳақиқий қароқчига айланган, ёвуз ва шафқатсиз бўлиб кетган экан. Кўприкдан одамлар тўхтовсиз ўтаверибди. Фақат жулдур кийимдаги битта қашшоқ одам қатъиятсизлик қилиб тўхтаб қолибди. У яхши кийинган одамлар шоҳга совғалар олиб бораётганини кузатиб тураверибди. -Сен нимага турибсан? – деб сўрабди қашшоқ одамдан ўтиб кетаётганларнинг бири. Қашшоқ одам жавоб бермабди, аммо илтимос қилибди: -Менга шоҳ ҳақида айтиб беринг. Бир неча кундан кейин йўловчи ортига қайтиб келаётган экан, кўприк ёнида яна ўша қашшоқни кўрибди. -Менинг сенга хушхабарим бор. Биласанми, шоҳ сенга шу сўзларни айтиб қўйишимни менга буюрди: шоҳимиз сенинг ғам-қайғуларингни билар экан. У сени кутяпти. Қашшоқ одам хурсанд бўлиб, кўприкка қадам қўйибди. У кўприкнинг ўртасига етиб бормаган ҳам эканки, орқасида дарғазаб овозларни эшитибди. Унинг ортидан дадил қадам ташлаб олға кетаётган ёш йигит етиб келибди. -Эҳа, - деб валдирабди ёш йигит, - шоҳга мана шундай бечораҳол аҳволда, қуруқ қўл билан ҳам борса бўларкан-да. Шу пайт ёш йигит қашшоқ одамнинг орқасидан етиб келиб, ундан ўзиб кетмоқчи бўлган экан, икковининг йўлини ҳам шоҳнинг иккита соқчиси тўсибди. -Нимага сен шоҳнинг ҳузурига байрам либосида бормаяпсан? –соқчининг гулдураган овози янграбди. Жулдур кийимдаги қашшоқ одам ғамгин бўлиб, орқасига қочиб қолиш учун қайрилибди. Аммо ортидан ўзига қаратилган шу сўзларни эшитибди: -Тўхта, эй бечора қашшоқ, ҳамма нарсадан маҳрум қилинган одам! Шоҳ сени кутяпти. У сенинг дардларингни ва қашшоқлигингни билади. Мана бу қаллобни эса биз орқасига жўнатиб юборамиз. Ёш йигитни соқчилар орқасига қайтариб жўнатиб юборибдилар. Қашшоқ одам эса кўприкдан ўтиб, оппоқ, баланд зинапоя орқали шоҳнинг тахтига томон чиқиб борибди. У шоҳга таъзим қилиб, шундай дебди: -Мен сизнинг ҳузурингизга узоқдан келдим, бўронлар, момақалдироқ ва жазирама иссиқдан ўтиб келдим. Кечирасиз, кийимларим доғ-дуғ бўлиб, титилиб кетди. Менда бори мана шу. -Мен сени кутган эдим, - дебди шоҳ. – Мана сенинг янги кийимларинг. Шоҳ толиққан йўловчига булутдай оппоқ, юмшоқ, иссиқ кийим инъом қилибди. ҚОРБОБО Бир кичкина шаҳарчадаги болалар Янги йил тунида ухламабдилар. Улар Қорбобони кутаётган эканлар. Ҳар бир бола, Қорбобо совғаларни қай тарзда олиб келиб, арча остига қўяр экан, деб кўришни истар экан. Албатта, бу Қорбобога маълум экан. У кичкинагина бир айёрлик қилишига тўғри келибди: у бир неча сеҳрли сўзларни айтибди ва бир қанча муддатга кичкина болага айланиб қолибди. Қорбобо учта от қўшилган чанасида шаҳарга ғизиллаб етиб келибди. У сеҳрли сўзларни айтиб, кичкина болага айланиб қолганини ҳеч ким пайқамабди. Унинг оти, чанаси ва совға солинган қопи ҳам кичкина бўлиб қолибди. Қорбобо шунчалик майда бўлиб қолибдики, ҳатто бўйи паст болалар ҳам қийинчилик билан энкайиб унга қарар эканлар. У кичкина бўлгани учун бир уйнинг очиқ форточкасидан дадил учиб кирибди. У отларини дераза рахида тўхтатибди ва чанадан тушибди. Қорбобо кичкинагина, аммо кўп нарса сиғадиган қопчасини ковлаб, керакли нарсаларни топибди. У энди совғаларни арча остига қўймоқчи бўлиб турган экан, бирдан... Арча остида ит Қорбобога акиллаб қолишини ким хаёлига келтирибди, дейсиз?! Табиийки, Қорбобо қаттиқ қўрқиб кетибди. Қўлидан совғаларни тушириб юборибди ва ғизиллаб чанасига томон югуриб қолибди. Шовқин-сурондан бола уйғониб кетибди. У кроватидан сакраб тушибди. Чироқни ёқибди. Хонада ҳеч ким йўқ экан. Бола аччиқланиб оёқларини топиллатиб, шундай дебди: -Ахир, итимни арчанинг остига атайлаб боғлаб қўйган эдим. У акиллаб, Қорбобонинг келганидан мени хабардор қилсин, деб шундай қилган эдим! Қорбобони жуда кўргим келаётган эди... Қўрқиб кетган Қорбобо эса ғамга ботиб бир амаллаб, манзил бўйича совғаларни тарқатибди ва кейин уйига отланибди. У аввалги ҳолатига қайтиш учун яна сеҳрли сўзларни айтибди, аммо кичкиналигича қолаверибди. Маълум бўлибдики, ит Қорбобони қаттиқ қўрқитиб юборган экан, шунинг учун у дудуқланадиган бўлиб қолибди. Сеҳрли сўзлар эса бузиб айтилганда таъсир қилмас экан. Қорбобо асабийлашибди. Энди нима бўлади? Болалар эрталаб уйғонадилар. Арчанинг остида эса совғаларни кўрмайдилар. Ахир, совғалар катта бўлиши учун, Қорбобо аввалги бўй-бастига қайтиши керак эди. Тонг отибди, болалар уйқудан уйғона бошлабдилар. Бола арчанинг олдига келиб, арча остида совғани кўрмабди ва йиғлай бошлабди: -Менга Қорбобо совға олиб келмабди! Мен физкультурадан икки баҳо олганим учун олиб келмаган! Бошқа бола ҳам уйқудан туриб, арча олдига келибди-да, жаҳли чиқибди: -Қани менинг совғам? Қаерда Қорбобо? Нима, у ўзининг мажбуриятини билмайдими?! Яна битта бола уйғониб, арчанинг остига қарабди-да, такаббурлик билан айтибди: -Керак эмас ўша совғаси! Истаганимни ўзим сотиб оламан! Бир қизча ҳам уйғониб, арча олдига югуриб келибди. Совғани кўрмагандан кейин, қўрқиб кетибди ва шундай дебди: -Бечора Қорбобо! Унга бирон нарса бўлган-ов... Янги йил кириб келгандан кейин бу шаҳарчанинг болалари кундузи марказий майдонда йиғилишибди. Бу ерга энг катта арча ўрнатилган экан. У ерда болалар хурсанд бўлишибди, қўшиқ айтиб, ўйнашибди, Қорбободан олган совғалари билан мақтанишибди. Тасаввур қиляпсизми, бу сафар улар нима деб айтишибди? Уларнинг ҳайрати, нафрати ва ғазаби қандай бўлган экан? Бечора Қорбобо бу пайтда майдондаги энг катта арча остида жимгина ўтирган экан. У узоқ ўтириши мумкин экан-у унинг отлари бир жойда туравериб чарчабди, гавдасини гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига солибди. Жабдуғига осилган қўнғироқчалари жиринглабди. Болалар бу қўнғироқчалар овозини эшитиб, арча остига қарабдилар. Битта бола қўлига ўйинчоқ чана билан ўйинчоқ отларни олиб, шундай дебди: -Қаранглар! Чанада кичкина Қорбобо ўтирибди! Қизиқ, унинг қопида совғалар бормикан, - шундай деб ҳалиги бола қўлларини Қорбобонинг қопига суқибди. Бошқа бир бола Қорбобони соқолидан тортибди ва дебди: -Қўйсаларингиз-чи, бу ҳақиқий Қорбобо эмас! Соқоли ҳам ҳақиқий эмас! Яна бир боланинг гапи шундай бўлибди: -Келинглар, уни арчанинг остига қайтариб қўяйлик. Совғаси бўлмаса, у бизга нимага керак?! Болаларнинг ёнида турган қизча ўйинчоқ Қорбобога ачинибди: -Болалар, агар у сизларга керак бўлмаса, майлими уни мен олсам? -Олавер, - дебди Қорбобонинг қопини титкилаган бола. – Барибир, қопи бўм-бўш, текшириб кўрдим-ку. Тушлик пайти бўлиб қолгани учун болалар уй-уйларига тарқалибди. Қизча қўрқувдан қалтираётган Қорбобони авайлаб ушлабди ва уни қандай қилиб хотиржам қилсам экан, деб ўйлабди. -Қўрқма, мен сени уйга олиб бораман, - дебди қизча. – Онам сени ҳам, отларингни ҳам тўйғизади. Сен бизникида хоҳлаганингча яшашинг мумкин. Бу сўзлардан Қорбобо хотиржам бўлибди ва дудуқланмай қўйибди. У энди сеҳрли сўзларни айтибди ва яна катта одамга айланибди. Отлари ҳам, совғалар солинган қопи ҳам катталашибди. Шу лаҳзада болаларнинг арчалари остида ҳақиқий катта совғалар пайдо бўлибди. Болалар совғаларни топганларидан кейин роса хурсанд бўлишибди. Фақат Қорбобо бир оз ғамгин бўлибди. “Наҳотки болаларга фақат менинг совғам керак бўлса?!” деб ўйлабди. Кейинги Янги йилда ҳам Қорбобо яна ҳамма болаларга совға олиб келади: итоаткорларга ҳам, итоатсизларга ҳам, мактабда яхши ўқийдиганларга ҳам, унчалик яхши ўқимайдиганларга ҳам. Ҳаммаси авалгидай қолади, гарчи бу шаҳарда битта ғайриодатий ҳодиса юз берса ҳам. Ёзда кутилмаганда қор ёғади. Ҳамма: “Ер атмосферасида қандайдир тушуниб бўлмайдиган нормадан чекиниш юз берди”, деб айтади. Фақат битта олийжаноб қизчага бу ғайриодатий ҳодисанинг ҳақиқий сабаби маълум бўлади. Ёзда ана шу қизчанинг туғилган кунига Қорбобо учта от қўшилган чанасида ғизиллаб етиб келади. Қорбобо бу ерда узоқ вақт қолмайди, фақат совғани топширгани келади, холос. ЕТТИ РАҚАМИ Бир шоҳ бўлган экан. У анча машҳур экан, аммо бир неча йилдан бери туғилган кунини нишонламаган экан. Кўплаб одамлар унга хизмат қилибдилар, хизматкорлик қилибдилар ва бунинг учун мукофотлар олибдилар.Улар виждонан меҳнат қилибдилар, сахийлик билан берилган мукофотларга улар лойиқ экан. Аммо шоҳ йилдан-йилга ғамгин бўлиб бораверибди. У шуни истар экан: уни берган мукофотлари учун эмас, оддий одамлар бир-бирларини яхши кўрганлари сингари иззат-ҳурматини жойига қўйишларини истар экан. Шоҳ яна, менинг ҳақиқий дўстим бормикан, деб билишни истар экан. Бир куни шоҳ шундай дея эълон қилибди: -Менинг фуқароларим шуни билишларини истайман: етти рақами мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Бу рақамнинг сирини очган ва бу рақам мен учун нимани англатишини айтиб берган одам мукофот олади. Ҳозиргача бунақа мукофотни ҳеч кимга бермаганман: топган одамга юрагимни бераман. Истаган одам ўз фикрини билдириши мумкин. Шоҳнинг фуқаролари қаттиқ ҳаяжонланибдилар, шу зоҳоти тахминлар бошланибди. Улардан биттаси бир варақ қоғозга етти рақамининг расмини чизиб, унга қараб қолибди. Бошқаси соқолини ушлаганича чуқур ўйга ботиб, шундай дебди: -Менимча, етти рақами юзасидан чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш керак. Етти рақами чизилган варақ атрофида донишмандлар йиғилибдилар. Улар ўз фикрларини айта бошлабдилар: -Бу рақамнинг шакли ғалати, нимаси биландир хочга ўхшайди. -Тўғри, бу шакл жуда тўғри келади... -Чамаси, бу рақамдаги алоҳида хусусиятни мен топдим, шекилли! Бу рақамни уч ва тўртга бўлиш мумкин. Рақамлар сеҳри қонунига мувофиқ, ботиний қудратга эга! -Ажойиб! Аммо дўстларим, мен кўраётган алоҳида хусусият – тамомила бошқа! Қаранглар: агар бу рақамни тескари тўнтарсак, инглизча L ҳарфи пайдо бўлар экан! -Жуда зўр! Аммо Менинг ўйлашимча... -Сизларнинг мунозарангиз жуда чўзилиб кетгандай туюлмаяптими ўзларингизга? – деб мунозара қилаётганларнинг гапини бўлибди шоҳ. – Энди, илтимос, ҳамма тарқалсин. -Шоҳ жаноблари бир неча оғиз сўз айтишимга ижозат берадиларми? –бир кўримсиз одам тахт олдига келиб итоаткорлик билан таъзим қилибди. -Бўпти, ижозат бераман, гапир, аммо қисқароқ қил, - дебди сарой донишмандларининг муҳокамаларидан кўнгли тўлмай, аччиқланган шоҳ. -Менимча, ишончим комилки, ойнинг еттинчи куни марҳаматли шоҳимизнинг туғилган куни. Шу куни байрамни нишонлашни ташкил қилишга ёрдам бериш учун мен ҳам бирон нарса қилишга ижозат сўрасам бўладими? Шоҳ гапирган одамга назар ташлаб, кулибди: -Мана, менинг топишмоғимга жавоб ҳам топилди. Етти рақами мен учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Еттинчи куни мен туғилганман, еттинчи куни онам она бўлган, еттинчи куни отам ота бўлиб, ўзини жуда бахтли ҳис қилган. Еттинчи куни ота-онамнинг ота-оналари бобо ва буви бўлиб, ўзларини бахтиёр деб билганлар. Ҳар йилнинг еттинчи куни байрам бўлган эди, чунки шу куни менинг атрофимда азиз одамларим йиғилишарди. Афсус, энди улар йўқ – шунинг учун байрам ҳам йўқ. Аммо бу йил байрам бўлади, байрам дастурхони ҳам бўлади, дастурхон атрофида менинг ҳақиқий дўстим ёнимда ўтиради. Ўша ҳақиқий дўстим сенсан, - деб шоҳ энг камтар фуқаросига қўлини узатибди. ЎҒИЛ -Ойижон, кўчага ўйнагани чиқсам бўладими? – деб сўрабди Пўлат. -Бўлади, - деб жавоб берибди она. – Фақат роппа-роса соат олтида боғчадан синглингни олиб келгин, жон болам. Пўлат кўчада дўстлари билан футбол ўйнабди. Соат олтида у дўстларига айтибди: -Мен синглимни боғчадан олгани тезда боришим керак. Дўстлари чуғур-чуғур қилишибди: Кел, яна бир соат ўйнайлик, синглингни боғчадан кечроқ олсанг, ҳеч нарса бўлмайди. Ярим соатдан кейин онаси ҳовлига чиқиб Пўлатни чақирибди: -Пўлат, нима бўлди, ҳанузгача синглингни боғчадан олмадингми? Энди боғчага ўзим бораман. Сен соат саккизда уйда бўл. Уй вазифангни қилишингга улгуришинг керак. Пўлат уйга кеч келибди. Албатта, уй вазифасини бажаришга улгурмабди. Эртаси куни Пўлатни дўстлари дарсдан кейин кинога боришга таклиф қилибдилар. Пўлат онасидан рухсат сўрабди, онаси шундай дебди: -Боравер, ўғлим. Фақат мультфильм кўргин. Эшитишимча, янги фильм катталар учун экан, болалар кўриши мумкин эмас экан. Пўлат дўстлари билан кинотеатр олдида учрашибди. Чиптани олдинроқ сотиб олишга ваъда берган дўсти шундай дебди: Мультфильмларга билет қолмабди, янги фильмни томоша қилгани борайлик. Айтишларича, ҳазилга бой кино экан. Пўлат хафа бўлибди: -Онам бу фильмни кўришни менга таъқиқлаган. Дўстлари хохолаб кулишибди: -Э, ойинг билиб ўтирибдими?! Билганда ҳам, у онанг-ку, боласини тушунади. Пўлат кулаётган дўстларига қараб, онасини эслабди. Пўлатни чиройли кийинтиришга ҳар доим онаси эътибор берарди, мазали овқатлар тайёрлаб берарди, Пўлат касал бўлганда, истимаси юқори кўтарилиб уйқудан уйғониб кетганда, қаттиқ хавотирланарди. Онаси унга китоблар ўқиб берганини ҳам эслабди...Мана бу дўстлари Пўлат учун нима қилиб бердиларки, онасидан кўра кўпроқ уларнинг гапига кирсин?!Агар Пўлат совқотса, ейишга ҳеч нарсаси бўлмаса, булар хавотирланадиларми, безовта бўладиларми? Пўлат дўстларига қараб, қатъий оҳангда гапирибди: -Йўқ. Онам бу фильмни кўрмагин, деб мендан илтимос қилган. АВТОБУСДА Автобус бекатида бир кампир турган экан. Автобус келибди, автобус эшиги рўпарада эмас экан. Кампир эшикка боргунча бир неча қадам ташлашига тўғри келибди. -Қаранглар, қанчалар ярамаслик-а! Ахир, ҳайдовчи одам қаерда турганини кўрмайдими? Йўловчи осонроқ кириши учун автобус тўхташи шунчалик қийинми? – деб жаврабди у автобусга кирар экан. Автобус деярли бўм-бўш экан, бўш жойлар кўп. Олдинги ўриндиқларда иккита бола қизғин суҳбатлашиб кетяпти. Уларнинг эътиборини автобус ёнгинасидан ўтиб кетган чет эл русумидаги машина тортибди. Қария болаларнинг олдига келиб, шу сўзларни айтибди: -Бу ердан жўнаб қолсаларингиз яхши бўларди. Кўряпсизларми, қария ва ногиронлар учун деб ёзилган-ку! Қани, қари кампирга жой бўшатинглар-чи! Бу ёшларда кексаларга ҳурмат умуман йўқ-да. Уларни кимлар ўқитади ўзи?! Қўпол, безори... Болалар жим бўлиб қолибдилар, бирон сўз айтмасдан, бошқа жойга бориб ўтирибдилар. Олдинда кутилмаган қаршилик туфайли автобус кескин тормоз берибди. Кампир олдинга силкиниб, қўл ушлагичга урилибди. -Ҳой, ўтин олиб кетяпсанми? Қандай қилиб шунақаларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берадилар-а?! Бандит, ашаддий жиноятчи! Менга шикаст етказдинг, сени судга бераман! – кампир шунчалик қичқирибдики, йўловчилар қўрқиб кетибдилар. Йўловчилар тушиш учун эшик олдига юра бошлабдилар. Бу бекатда ҳамма ҳам тушиши керак эмас экан. Бақироқ кампир билан бир автобусда ҳеч кимнинг кетгиси йўқ экан. Иккала бола – чет эл машинаси ишқибози ҳам навбатдаги бекатда тушишга тайёрлана бошлабдилар. Аммо жанжалкаш кампир тушиш занапоясида уларнинг ортидан келибди-да, “Ивирсимасдан, тез-тез тушинглар”, деб уларни туртиб, бақирибди. Болалар кампирни олдинга ўтқазибдилар. Ҳамма автобусдан тушибди, кампир бекатда ҳам жаврай бошлабди. Бераҳм одамлар тўғрисида хаёлига келганини гапириб бўлиб, у кўп қаватли уй томонга йўл олибди. Иккала бола индамай бошқа автобусни кута бошлабди. Ниҳоят, автобус кўринибди. Худди шу пайтда бекатга яна бир қари кампир оқсоқланиб келиб қолибди. Автобус эшиклари унинг рўпарасида очилмабди. У шоша-пиша ўриндиқ томонга юрибди. Кампир эшик олдида болаларни олдинга ўтказиб, шундай дебди: -Сиз, ёшлар, олдин юраверинглар. Мен чиқишим анча қийин. Сизлар кутиб қолманглар. Болалар кампирга қараб, бир овоздан жавоб берибдилар: -Биз сизга ёрдамлашамиз! -Э, раҳмат, болаларим, - хурсанд бўлиб кетибди кампир. – Қандай яхши болалар экан-а! Автобус жойидан қўзғалибди, аммо бирдан кескин тормоз берибди. Кампир қўлларини ушлагичга тираб қолибди. -Ой, нимадир силкинганга ўхшади, - хавотирланибди кампир ва ҳайдовчилар сўрабди: - Сенга ҳеч нарса бўлмадими, болам? Муҳими, сен қайғурма, асабийлашма. Шаҳарда қанча машина бор! Бундай ҳолда ҳайдовчи бўлиб ишлаш қийин. Болалар автобусдан тушишга ҳаракат қила бошлабдилар, кампир ҳам тушмоқчи экан. Эшик олдида улар учрашибдилар. Кампир болаларни олдинга ўтказиб, шундай дебди: -Болаларим, сизлар югуринглар. Мен тез туша олмайман, анча овора бўламан. Болалар кампирга қараб, бир овоздан жавоб берибдилар: -Биз сизга ёрдамлашамиз! Учалови автобусдан тушибдилар. Кампир уларга гапирибди: -Қандай яхши болалар экансизлар! Худо сизларга ёр бўлсин! Иккала бола жамоатхона хорига репетицияга кетаётган экан. Улар хор раҳбари бўлган аёлни учратганларида, автобусда ўзлари учратиб қолган иккала кампир ҳақида гапириб берибдилар. -Юҳанно баён этган Хушхабарда шундай сўзлар бор: Унда, яъни Исо Масиҳда ўсиш керак, мен, яъни одам эса, пасайишим керак, - дебди хор раҳбари. – Сизлар учратган биринчи қария, чамаси, бир умр ўзи билан ўзи машғул бўлган, яъни ўзи ўсган. Иккинчи қария эса Исо Масиҳга шахсий майдонини кўпроқ бўшатиб беришга ҳаракат қилган, яъни ўзи пасайган. Сизлар қандай одамлар билан ёнма-ён бўлишни истардингизлар? -Масиҳда ўсганлар билан бирга бўлишни истардик! – ишонч билан жавоб берибди болалар. -Ҳақиқатан ҳам, фақат ўзини ўйлайдиган ва ҳаётида Масиҳ учун жой бермаган одамлар бизга умуман маъқул эмас. ТОРТ Катта байрам белгиланибди. Она олдиндан байрам дастурхони таомларини режалаштирилибди ва яхши маҳсулотларни сотиб олибди. Меҳмонларга кутилмаган янгилик сифатида торт бериш керак экан. Тортни тайёрлаш учун қуйидаги маҳсулотлар сотиб олинибди: сарёғ, қаймоқ, қанд, ванилин, шафтоли, ананас ва тортга сингдириш учун ликер. Ухлашга ётишларидан олдин она қизига айтибди: -Уф, эртага мен кўп овора бўладиган бўлдим-да. Ишқилиб, улгурсам бўлди. Эртасига эрталаб, ҳали ҳамма ухлаб ётганда, қиз вақтли уйғонибди. У онасини хурсанд қилмоқчи экан. У ўзи мустақил ҳолда, тухум қовурибди, блинчик, мева салати таЙёрлабди, қаймоққа ванилин ва ликерни аралаштирибди. Она уйғонибди, ўрнидан туриб, ювинибди ва ошхонага кирибди. -Кутилмаган янгилик! – қизи шодон овоз билан онасини кутиб олибди ва қўллари билан безАтилган дастурхонни кўрсатибди. Она курсига ўтириб, бошини тебратибди ва оғир нафас олибди. У кула олмабди, қизининг кутилмаган янгилиги асло маъқул келмабди. -Бўлар иш бўлибди, - дебди она. – Ҳозир сен мен билан бирга дўконга борасан. Қани, бўл. Она билан қиз яқин атрофдаги дўконларга кирибдилар, бир қанча навбатда туриб, озиқ-овқат тўла сумкани уйга кўтариб келибдилар. Уйга келганларидан кейин она қизига айтибди: -Пулни мен режалаштирганимдан кўра икки баравар сарф қилишга тўғри келди. Шунинг учун келаётган ҳафта давомида эрталабки нонуштанг учун сенга пул бера олмайман. -Ойижон, байрам бўладими? -Байрам бўлади, торт ҳам ейсан, янги маҳсулотлар ана шунинг учун сотиб олинди-да. Байрам яхши, қувноқ ўтибди. Алламаҳалда – уйқуга ётишларидан олдин қиз Муқаддас Китобни ўқиётган экан. Она диван четида, қизининг ёнида жимгина ўтирган экан. Қизи сўрабди: -Ер юзида ёмонлик қаердан пайдо бўлган экан-а? Ахир, ҳамма одамлар яхши бўлишни истайдилар, уларнинг йўллари яхшиликка интилади. Онаси ҳорғин табассум қилибди ва сўрабди: -Адан боғи ҳақида ўқидингми? -Ҳа, яхшилик ва ёмонликни билиш дарахти ҳақида ҳам ўқидим. Нима учун Худо бу дарахтни жаннатда ёмонлик билан бирга қолдирди? Унга нима учун керак эди? -У ерда ёмонлик йўқ эди. -Қанақасига. -Бу – яхшилик ва ёмонликни билиш дарахти эди, яхшилик ва ёмонлик дарахти эмас. Одам ато нима ёмону нима яхши эканини билиши керак эди. Вақти келиб, Одам ато буни билиб олди: кўпинча ёмонлик бўлиб кўринган нарса аслида яхшилик, аксинча, биз яхшилик деб ҳисоблаган нарса ҳақиқий ёмонликдир. -Вой, ойижон, Одам ато Худога итоат этмаганда, У қаттиқ хафа бўлган экан-да. -Ақллигинам, мана тушуниб олдинг. -Аммо мен асло тушуна олмайман: нимага инсон шундай иш қилди-я? -Ўзининг мустақиллигини намойиш қилмоқчи бўлди. Она шу сўзларни айтиб, кулибди ва кўзини қисиб қўйибди. Бу гапдан қизнинг оғзи очилиб қолибди: -Ҳа, бўлди, тушундим, бугун эрталаб сиз торт учун сотиб олган маҳсулотларни мен исроф қилганимдай. Шундайми, ойижон? -Ақллигинам, мана тушуниб олдинг. ФАХРИДДИН ВА ҚУЁНЛАР Қуёш чиқди. Фахриддин тетикланиб ўрнидан турди, ювинди, кийинди, яхшилаб нонушта қилди ва уйининг эшиги олдига чиқди. Фахриддин эшик олдидан туриб қўшни уйларга қаради ва деди: -Ҳалиям ухлашяпти. Мен эса ишга тайёрман. Фахриддин кетмонини олиб, полизига борди. Участкасининг ўртасида қуйидаги ёзув осилган ёғоч қад кўтарди: “Бу менинг ерим. Ҳеч ким кириши мумкин эмас!” Карам экилган жўякда деҳқон Фахриддин ҳар тупнинг тагини юмшатишга киришди. Жўяк узун, жўякда карам кўп ўсган эди. Фахриддин чин дилдан ишлади. Бир пайт Фахриддин қараса, унинг полизига қуён писиб келяпти. У карам ёнида ўсаётган лавлаги барглари ортига яшириниб, карам тупларидан бирига яқинлашиб келди. Фахриддин ғазабланиб, ҳатто дудуқланиб қолди: -С-с-се-нн нн-и-мм-а ққ-иляп-ссан, ўзи? Бу ққ-а-на-ққ-аси? Қандай қилиб бунга журъат қилдинг? Анови ерга ёзиб, ёғочга ўрнатиб қўйибман-ку! Қуён айнан ёзув маҳкамланган ёғоч олдига бориб, орқа оёқларини кўтарди ва Фахриддинга ўгирилди: -Мен бу ерга келишимнинг сабаби шуки, сенга, баракалла, деб айтмоқчи эдим, полизингга жуда яхши қараяпсан. Фахриддин қуёнга қараб унинг гапини эшитиб, оғзининг таноби қочди. Қуён эса икки қўлини белига қўйиб, гапида давом этди: -Ҳеч кимнинг полиз экинлари сеникидай эмас. Ана, Самин аканикига қарагин, - қуён олд оёғи билан қўшнининг полизини кўрсатди. - Самин аканинг ерида фақат сассиқ капа ўсяпти, холос. Восит ака эса ер чопишни билмайди. У темирчилик устахонасида болғасини тақиллатса бўлди. Фахриддин қуённинг гапини эшитиб, бошқаларнинг ерига аланг-жаланг қилиб қарайвериб, бошини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга бураверди. Шу орада қуён битта карамни синдириб, эпчиллик билан орқасига яширди-да, ўрмонга қараб йўрғалаб қолди ва кетаётиб шундай деди: -Бўпти, сени ишдан қўймайин. Ишлайвер. Қуён кетди. Фахриддин яна ер юмшатишга киришди. Бир пайт қараса, битта илдиз жўякка тушиб ётибди, бир бош карам эса йўқ. -Ўҳ, ёлғончи! – тутақди Фахриддин. – Қандай қилиб бу ишни қилишга журъат этди?! Ўғри! Фахриддиннинг ишлашга кайфияти йўқолди, у тамадди қилгани уйига кетди. У ғамгин ҳолда овқатланди, дам олди ва яна полизига йўл олди. У кетишдан олдин ибодат қилди: “Эй Худойим! Мени бу қуёндан ўзинг ҳимоя қилгин. Унинг фирибгар эканини Ўзинг биласан-ку”. Фахриддин полизига қайтиб келиб яна ерни юмшатишга киришди. Чарчади. Белим бир оз дам олсин деб, қаддини тиклади. Қай кўз билан кўрсаки, унинг полизида қуён сакраб юрибди. Фахриддин унга қараб бақирди: -Йўқол бу ердан! Қуён, худди овозни эшитмагандай, Фахриддиннинг олдига югуриб келди, олдинги оёқларини кўтариб, пинагани бузмасдан деди: -Қорним тўқ. Сенга дўстона маслаҳат бергани келган эдим. Фахриддин кетмонни ерга қўйди ва сергакланиб сўради: -Хўш? -Сен фақат карам экасан, сабзи эксанг ҳам яхши бўларди, - деди қуён. – Бирдан карам ҳосил бермай қолса-чи? Фехриддин ерга тикилиб, қуённинг таклифини ўйлаб қолди. Қуён эса икки бош карамни қарсиллатиб узди-да, олдинги оёқлари билан аранг ушлаб, орқасига яширди ва ўрмонга қараб йўрғалади. -Бўпти, ҳозирча, меҳнаткаш! – дея хайрлашди кул ранг қуён. Фахриддин икки бош карам йўқолганини сезди ва олдингидан баттарроқ аччиқланди: -Бу қанақаси, ахир!Ўғри нима учун менинг полизимга серқатнов бўлиб қолди, деб ўйлаган эдим-а?! Фахриддин ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, ичида ибодат қилди: “Эй Худойим! Мени зарардан Ўзинг сақлагин, мана шу қуёндан мени ҳимоя қил!” У йиғлаб-йиғлаб бўлиб, яна жўякларга ишлов беришга киришди. Шу орада полиз ўртасидаги ёғоч тагида бир эмас, иккита қуён турган эди. Ҳар бирининг елкасида йўлхалтаси бор эди Фахриддин қуёнларни кўриб қолиб, уларга қараб бақирди: -Қани, бу ёққа келинглар-чи! Уятсиз ўғрилар! -Ие, дўстим, нимага бунчалик бақир-чақир? – деб ҳайрон бўлди меҳмонлардан бири. – Манови дўстимга сен ҳақингда кўп нарсани айтиб бердим, сенинг олийжаноблигингни, раҳмдил эканингни ҳам айтдим. “Ўша одам билан мени таништириб қўйгин”, деб дўстим ҳол-жонимга қўймади. Ўша яхши одамни бунга кўрсатай деб келдим-да. Фахриддин ичдан хурсанд бўлиб, деди: -Албатта, яхши ишлар қилишга ҳаракат қиляпман... -Келинглар, ўтирайлик, - деб таклиф қилди қуён, – тикка турмайлик. Олийжаноблик, раҳм-шафқат ҳақида гаплашайлик. Фахриддин марзага қуённинг ёнига ўтирди, у яхши гапларни эшитишга тайёр эди. Бу пайтда уларнинг орқасида иккинчи қуён, шошилмасдан, каттагина йўлхалтага карам бошларини жойлайверди. -Яхши одамлар кам қолди, - деб гапида давом этди нотиқ. – Мана, қўшнинг Иристойни олайлик. Ўзи роса меҳнаткашга ўхшайди, лекин нимага полизини тиканли сим билан ўраб ташлаган? Самин ака-чи? Шунақангги қозиқдевор билан ўраб ташлаганки, полиз демайди биров, шоҳларнинг қалъаси деб ўйлайди...Бўпти, энди борайлик. Мазмунли суҳбатинг учун раҳмат...Ҳозирча хайр. Тез орада кўришамиз, - деб ғўлдиради қу ён. Бу пайтда унинг дўсти ўрмон ичига кириб кетган эди. Фахриддин эшитганлари устида фикр юритиб, яна бир оз ўтирди. Кейин қўлига кетмонни олди. Шу пайт қарасаки, жўякда бешта карам боши йўқ! У аччиқ-аччиқ йиғлади, ҳатто қўшниси Самин ака ҳам қозиқдевори орқасида унинг ўкириб йиғлаганини эшитди. Самин ака унинг йиғисини эшитгандан кейин, Фахриддинни чақирди: -Эй Фахриддин! Нимага қайғунг ошиб-тошиб кетибди? Фахриддин ҳиқиллади: -Менинг ибодатларимни Худо эшитмаяпти. У мени тарк этибди. -Бунақаси бўлиши мумкин эмас! – ҳайрон бўлди Самин ака. -Ростини айтяпман! Ундан илтимос қилавераман, илтимос қилавераман мени У қуёндан ҳимоя қилсин деб...Қаранг, яна карам синдириб олиб кетилган. Самин ака қўшнисининг ярми бўш ерига қараб, сўради: -Қуёндан ҳимоя бўлиш учун ўзинг нима қилдинг? Фахриддин бу саволдан хафа бўлди: -Бу менинг ерим эканини билдириб, тахтачага ёзиб қўйганман. Самин ака бошини сарак-сарак қилиб, деди: -Нимани қандай қўриқласанг, ўшанга лойиқ қилиб оласан. Қўшниси кетди, Фахриддин ичида ибодат қилди: “Эй Худойим! Ҳеч ким менга ёрдам беришни истамайди. Мени шу қуёндан ҳимоя қил...” АКВАРИУМ Бир ажойиб аквариумда балиқлар яшаши учун жуда яхши шароит яратилган экан. Аквариумнинг тубида топ-тоза тошчалар ётар, балиқлар учун ажойиб пана жойлар қурилган экан. Белгиланган вақтда овқат берилар, асбоб ёрдамида ҳар доим тоза ҳаво юборилиб турар экан. Балиқлар касал бўлмасин деб, аквариумда шифобахш ўсимликлар ўтқазилган экан. Бу ўсимликлар микробларни ўлдираркан. Балиқлар бу ўсимликларга сузиб келиб, орқаларини ишқаркан. Бир куни ҳар нарсага қизиқувчан балиқча шифобахш ўсимлик баргидан татиб кўрмоқчи бўлибди. У баргдан тишлабди, ютибди ва унга жуда ёқибди. Шундан кейин қувноқ балиқча дўстларини чақирибди, балиқчалар тўдаси шифобахш ўсимликка ташланибдилар, баргларни бирма-бир ғажиб, роса қувонибдилар. Аммо уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмабди. Кўп ўтмай уларнинг орасида жанжал чиқибди. Улар бир-бирларини туртиб, итариб, меҳмондорчиликдан маҳрум бўлибдилар. Бу бемаъниликдан бир уддабурон балиқча фойдаланиб қолибди: у бутун бошли баргни узиб олиб, уйига олиб кириб кетибди. У ўлжасини тош остига ҳеч ким тополмайдиган қилиб яшириб қўйибди. Тез орада бу тош остида чувалчанглар пайдо бўлибди. Балиқча битта чувалчангни еб кўрибди – унга маъқул бўлибди. Уддабурон балиқча дўстларини ўзиникига меҳмонга чақирибди ва уларни чувалчанг билан меҳмон қилибди. Баднафс балиқчалар еб, меҳмондорчиликни мақтабдилар. Чувалчангларни еб бўлганларидан кейин меҳмонлар, яна бирон нарса бормикан, деб атрофга аланг-жаланг қилиб қарабдилар. Аммо мазали бирон нарса топа олмабдилар. Шундан кейин бир-бирларига ташланиб, бири бошқасини тишлай бошлабди. Охири шундай бўлибдики, битта баднафс балиқча бошқасини ютиб юборибди. Шундан кейин аквариумда яшаш хавфли бўлиб қолибди. Балиқчалар бир-бирини еб тугатибди. Вақти келиб, шифобахш ўсимликдан битта поя қолибди. Поя деярли сўлиб бўлган, микроблар билан кураша олмайдиган бўлиб қолибди. Чувалчанглар шунчалик кўпайиб кетибдики, аквариумнинг тубигача чувалчанглар билан қопланиб кетибди. Сув лойқа бўлиб, сасиб кетибди. Балиқлар хасталаниб, ўлаверибди. Фақат бир неча балиқчалар ақлсиз балиқчалардан ўзларини четга олган эканлар, ўзларининг уйчаларига беркиниб олган эканлар. Аквариум эгаси сузгични олиб, уйчаларида яшириниб ётган балиқчаларни сузиб олибди, тоза суви бор банкага солибди. Аквариумнинг ичидаги ҳамма нарсани, хасталанган жонзотлар билан бирга тўкиб юборибди. Кейин аквариумни ювибди, қуритибди, тошчалар қўйибди ва тоза сув билан тўлдирибди. Ҳаммаси тайёр бўлгандан кейин, аквариумга банкадаги итоаткор, беозор балиқларни қўйиб юборибди. Аквариумда яна шодиёна, бахтли ҳаёт бошланибди. Балиқчалар кўпайиб бораверибди. Бир куни аквариум эгаси қараб турса, балиқчалардан биттаси шифобахш ўсимликнинг битта баргини тишлабди. У ўша зоҳоти сузгични олиб, ўша балиқчани ушлабди-да, улоқтириб юборибди. -У нималар қиляпти ўзи?! – дебди жаҳли чиққан бир балиқча. – Нақадар шафқатсизлик! Бошқа бир куни эҳтиёткор балиқча тошчалар остига бир оз овқат яшириб қўйибди. Аквариум эгаси буни кўрибди-ю, сузгични олиб, балиқчани тутибди ва уни улоқтириб юборибди. -Хўжайинимиз шафқатсиз одам! – деб ғазабланибди бир неча балиқча. -Кимлар учун шафқатсиз? – деб сўрабди ақлли бир балиқча. Бу – азалдан, эски аквариум йўқотилгунгача шу ерда яшаб келаётган ўша олтин балиқча эканини ҳамма билибди. Кимдир унинг сўзларини маъқуллабди, кимдир эътироз билдирибди. -Хўжайин шафқатсиз, - дебди олтин балиқча ўғлига. – Аммо фақат итоатсизларга шафқатсиз. Тўғри иш қилгин, нимани қилиш мумкинлигини, нимани қилиш мумкин эмаслигини билгин. Шунда хўжайин сен учун қўрқинчли бўлмайди. ҚЎРҚУВ Автобус бекатига машина келиб тўхтади. Ойнадан ҳайдовчи бошини чиқарди. -Дониёр! – деб чақирди у бекатда турганлардан бирини. – Ўтир, олиб бориб қўяман! -Салом, Карим! – деди Дониёр машинанинг эшигини ёпаркан. – Ҳайдовчилик гувоҳномасини олдингми, дейман? -Ҳа, ниҳоят, олдим. Ҳатто ўзим ишонгим келмаяпти. Дониёр хўрсиниб, деди: -Мен эса ҳеч қачон ололмасам керак. -Ҳаракат қилиб кўрдингми? -Ҳа, ҳаракат қилиб кўрган эдим. -Ўхшамай қолдими? -Йўқ, қўрқаман. Қанча таъқиқловчи белгилар, қанча кўрсатмалар. Уларга қараб қаерга ва нимага бораётганимни унутиб қўяман. -Ана холос! – деб ҳайрон бўлди Карим. – Шунақаси ҳам бўларканми? -Бўлмасам-чи! Масалан, “Кириш таъқиқланади” белгиси менга жуда қўрқинчли туюлади. -Нима сабабдан? -Мен қоидани бузиб, таъқиқланган жойга кирганимдай туюлаверади. Карим кулди: -Аслида сен кирмагансан-ку! -Менга кирганимдай бўлиб туюлаверади. Белгини кўрдимми – тамом, қоидани буздим деб ўйлайвераман. Ҳамма таъқиқловчи белгилар жуда қўрқинчли, чунки қоидани буздингми – жазоланасан! Ёки яна битта мисол: мен тўғрига кетяпман, бирдан “Қайрилиш жойи” белгиси учрайди. Мен ана шу белги бўйича қайриламан, аслида мен тўғрига кетишим керак эди. Карим бошини чайқади: -Қандай ўйлайсан: нима учун белгилар бор? Сен уйда ўтиришинг учунми? Йўқ, белгилар шунинг учун чиқарилганки, сен рулда ўтирганингда, йўлда тартиб бўлиши учун. Сени ҳам тушунаман. Мен билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлиб туради, фақат бошқа соҳада. Агар бизнинг мавзуга асосланиб айтадиган бўлсам, Муқаддас Китобни ўқиганимда, ўзимни дарров гуноҳкор ёки бузғунчи деб биламан. Масалан, Худонинг ишларини менсимаган одам лаънатидир, деб айтилган. Шу сўзларни ўқиганимда, қўрқиб кетаман. Ҳатто бирон иш қилишдан қўрқаман. -Бунинг нимаси қўрқинчли? – бу сафар ҳайрон бўлди Дониёр. – Менга шу нарса маълумки, сен ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашасан! Карим дўстининг тушунмаслигидан ранжиб, шундай деди: -Бу ерда нима тушунарсиз? Айтилганми, тамом – мен учун айтилган. -Сен шундай иш қилмагин деб айтилган. Баракалла, сен шундай иш қилмайсан-ку. Барибир Карим хотиржам бўла олмади: -Сенга қандай тушунтирсам экан? Масалан, мен дурадгор бўлиб ишлашни хоҳлайман, Муқаддас Китобда эса деҳқончилик билан шуғулланган одам ҳақида ўқияпман. Мен эса ўйлай бошлайман: ҳамма ишларим, хатти-ҳаракатларим тўғри бўлиши учун деҳқоннинг йўлларидан ўзим учун нимани танлашим керак? Таъқиқлар ҳақида ўқиганимда, мана шундай хавотирликка тушаман. Дониёр билан Карим маълум вақт индамай боришди: чорраҳаларни кесиб ўтишди, бир неча светофорлардан ўтишди. Йўлда белгилар кўп эди: қайсидир белги таъқиқлайдиган, қайси бири кўрсатадиган, нима тўғрисидадир огоҳлантирадиган... -Биласанми, Карим, - деди ниҳоят, дўсти, - икковимиз анча гаплашдик. Энди мен шунга қарор қилдим: машина ҳайдашни шундай ўрганаманки, белгилардан қўрқмайдиган бўламан. -Мен эса шунда қарор қилдим: Муқаддас Китоб курси машғулотларига ёзиламан. Муқаддас Китобни ўқишни шундай ўрганайки, қўрқмасдан яшайин. ОЛТИН ҚАЛБ Бир одам ҳақида, унинг қалби олтин, деб айтишар экан. У сахий, олийжаноб, киришимли одам экан. Кўпчилик ундан ўзларининг манфаатлари учун фойдаланишар экан. Исо Масиҳ буни кўриб, одамлар, қалби олтин деб таърифлаган одамга дебди: -Энг муҳими, ўз қалбингни асра. -Хўп бўлади, - деб жавоб берибди у. -Бу шунчаки гап эмас, - деб огоҳлантирибди Исо Масиҳ. – Яхшиси, қалбингни Менга бер. -Йўқ, - деб ишонч билан жавоб берибди олийжаноб одам. – Қалбимни ўзим сақлайман. Олтин қалбли одам нафақат олийжаноб, балки ақлли ҳам экан. Шунинг учун у одамлар билан мулоқот қилмасликка қарор қилибди, токи бошқа ҳеч ким унинг олийжаноблигидан ўз манфаати учун фойдаланмасин. Шундай қилиб, бир неча йил ўтибди. Олтин қалб эгаси ёлғизликдан қаттиқ зерикибди. Бир куни олтин қалбли одам яшайдиган уйнинг эшиги тақиллабди. -Ким у? – деб сўрабди у. -Биз – қўшниларингизмиз, сизга хурсандчилик ва шодлик олиб келдик! Уй эгаси уйи эшигини ланг очибди, сахийлик билан меҳмонларни қабул қилибди. Шундай қилиб, унинг ҳаётига шодлик кириб келибди: чеки йўқ латифалар, беадаб ҳазиллар, кечаю кундуз зиёфатлар, қаҳқаҳа, байрам шовқин-сурони, фисқу фасод, ёлғон-яшиқ гаплар. Бир куни олтин қалбли одам шунчалик чарчабдики, яхшилик қилиш ва раҳм-шафқат кўрсатиш учун унинг мадори қолмабди. У илгари ҳеч қачон юз бермаган ғамгинликка тушибди. Яна эшик тақиллабди. -Ким у? – ғазабланиб сўрабди уй эгаси. -Сизнинг дўстларингизмиз. Сизга тинчлик ва хотиржамлик олиб келдик! У эшикни ланг очибди. Янги дўстлар ҳеч нарсадан безовта бўлмаслик ҳақида ўргатишибди. “Нима фарқи бор, - дебди дўстлари, - сен яхшимисан ё ёмонмисан, сахиймисан ёки хасисмисан, ўликмисан ё тирикмисан”. Аслида ҳам нима фарқи бор деб уларнинг фикрига қўшилибди олтин қалбли одам. Ўша зоҳоти уни бефарқлик қамраб олибди. У шафқатсиз, ҳаммага лоқайд ва бефарқ одамга айланибди. У ўзининг атрофида адолатсизликни ва кулфатни кўрибди, одамлар азоб тораётганларини ва қийналаётганларини кўрибди, аммо булар ҳақида ўйлашни истамабди. Тез орада атроф оламнинг шафқатсизлигига кўникибди, оқибатда ўзи ҳам шафқатсиз, тунд, жиззаки бўлиб, бошқаларга озор етказадиган бўлиб қолибди. Шунда унга яна Исо Масиҳ рўпара келибди ва шундай дебди: -Менга қалбингни бер. -Қалбим бузилган, ҳеч нарсага ярамайди, - секин шивирлабди олтин қалбли одам. -Барибир, бер Менга қалбингни, - деб илтимос қилибди Исо Масиҳ. -Ма, ол, аммо мени кечиргин. Исо Масиҳ олтин қалбли одамни яқиндагина дўстлари билан бирга ғийбатлашган одамларнинг олдига олиб келибди. Олтин қалб уят ва ранж-аламни ёндириб юборибди. Исо Масиҳ уни хасталикдан ва қашшоқликдан азоб чекаётган одамларнинг ёнидан олиб ўтибди. Олтин қалб бахтсиз ва ҳеч вақоси йўқ одамларга қараб, чидаб бўлмас оғриқдан ёрилиб кетай дебди. Олтин қалб бир муддат, худди жонсиздай, тўхтаб қолибди. Бирдан унинг қалби яна олийжаноблик, сахийлик ва хотиржамлик билан тўлиб, янги куч билан дук-дук этиб ура бошлабди. -Раҳмат Сенга, Исо! Энди қалбимга нима кераклигини биламан! – дебди бахтиёр одам. – Энди мен Сенинг нима учун “Мен Ўз тинчлигимни сизларга бераман, Мен берадиган тинчлик бу олам берадиган тинчлик эмас” деб айтганингни тушуняпман. Яна Сенинг “Ўғлим, қалбингни Менга бер” деган сўзларингни ҳам тушуняпман. Эшик тақиллабди. -Ким у? – деб сўрабди уй эгаси. -Биз – қўшниларингизмиз, сизга хурсандчилик ва шодлик олиб келдик! -Менга сизларнинг хурсандчилигингиз ва шодлигингиз керак эмас! - деб жавоб берибди олтин қалбли одам. – Мен сизларни ичкарига қўймайман. Яна эшик тақиллабди. Олтин қалбли одам таниш сўзларни эшитибди: -Сизнинг дўстларингизмиз. Сизга тинчлик ва хотиржамлик олиб келдик! -Менга сизларнинг тинчлигингиз ва хотиржамлигингиз керак эмас! – деб қатъий жавоб берибди уй эгаси. – Мен сизларни ичкарига қўймайман. Олтин қалбли одам уйдан чиқибди. У учраган одамга яхшилик, меҳрибонлик ва севги инъом қилибди ва ҳеч қачон чарчамабди. МУНДАРИЖА Ҳовуз Асаларилар Гулчи Мавлуд совғаси Гулдон Ҳаёт мактаби Ўрганаман Сержаҳл доктор Кун тартиби Чирмовиқ Бефаросат одам Чақимчи Саргузашт Кўприк Қорбобо Етти рақами Ўғил Автобусда Торт Фахриддин ва қуёнлар Аквариум Қўрқув Олтин қалб Елена Соколова ОЛТИН ҚАЛБ Болалар ва ўсмирлар учун эртаклар 2-нашри Масъул муҳаррир Муҳаррир Рассом Муқова безакчиси Корректор Компьютерда саҳифаловчи Босишга рухсат этилди.... Формат... Офсет қоғози MinionPro гарнитураси Офсет усулида босилган 6 б.т. Тиражи... нусха. Буюртма № Задн. Облож. БОЛАЛАР ВА ЎСМИРЛАР УЧУН ЭРТАКЛАР Агар сиз оқшом пайтлари вақтни оила даврасида ўтказишни яхши кўрсангиз ва бу пайтлардан севги ҳамда дўстлик муҳитини яратиш учун фойдаланишга ҳаракат қилсангиз, бу китоб сизга яхши ёрдам беради. Елена Соколованинг эртак ва масаллари нафақат болаларда, балки катталарда ҳам қизиқиш уйғотиши табиий – ҳар бир авлод улардан ўзига мос келадиган нимадир топади. Муаллиф ҳаётий донолик билан Муқаддас Китоб ўгитларини табиий равишда бириктириб юборади, содда ва лўнда шаклларда ҳаётимизни мувофиқат ва эзгулик қонунлари бўйича яратган илоҳий ҳақиқатни очиб беради. ЕЛЕНА СОКОЛОВА - мазкур китоб муаллифи, ота-онаси ҳақиқий имонли бўлиб, уларнинг оиласида масиҳийлик анъаналари Х1Х асрдан бери авлоддан- авлодга ўтиб келмоқда. У анча йиллардан бери ўз жамоатида якшанба мактабида машғулот олиб боради ва ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида Худонинг Каломи ишларини болалар кўришларига ёрдам бериб келади, мураккаб материалларни болалар ўзлаштиришларини енгил қилиш учун саҳналар ва ўйинлар ўйлаб топади, эртаклар ёзади. Эри билан бирга ўзларининг олтита фарзандини тарбия қилмоқда. 6+