ҚИРОЛ БУЙРУҒИ БОЛАЛАР ВА КАТТАЛАР УЧУН ЭРТАКЛАР Санкт-Петербург, 2013 Соколова Е. Г. С59 Наказ короля. — СПб.: ЛКС, 2013. — 96 с. — (Светлячок). ИСБН 978-5-94861-188-4 (ЛКС) ИСБН 978-5-904737-97-9 (Виссон) Елена Соколованинг янги китоби унинг ижоди билан таниш бўлганларни шубҳасиз хурсанд қилади. Лекин бу муаллифнинг ижоди у билан илк бор танишаётган китобхонларни ҳам – мўъжизавий пойафзал, даманнинг кулгили ҳайвонлари, қўғирчоқлар ва одамлар каби эртак қаҳрамонларига нисбатан бефарқ қолдирмайди… Турфа олам қаҳрамонлари Худованднинг ягона қонунига амал қиладилар ва яшайдилар. Нур доим қоронғуликни мағлуб қилади, яхшилик ва адолат ғалаба қозонади, бу китоб билан танишган ҳар бир одам абадий қадриятларга амин бўла олади. Иллюстрации Ивана Орлова ББК 84.4 С59 ИСБН 978-5-94861-188-4 (ЛКС) ИСБН 978-5-904737-97-9 (Виссон) © Издательство «Виссон», 2013 © Е. Г. Соколова, 2013 МЎЪЖИЗАВИЙ ПОЙАФЗАЛ Оёқ кийими дўконидаги болалар бўлими ҳар қандай дид учун танловга бой эди. Айниқса, бир жуфт пойафзал бошқаларидан ажралиб турарди. Лакланган пойафзалнинг ажойиб усти ялтирар ва харидорини кутаркан, ўзларини мақтаганча, шундай дер эдилар: “Қаранглар, биз қанчалик нозик ва қиммат теридан ясалганмиз, шунчалик чиройли, юмшоқ, қулаймизки! Биз одамга нафақат маиший ишда асқотамиз, балки унга эстетик завқ ҳам олиб келамиз. Яна бир сирни сизга айтайлик, биз шунчаки оддий пойафзал эмасмиз, аксинча эгасига ғаройиб омад олиб келадиган мўъжизавий пойафзалмиз”. Улардан узоқ бўлмаган жойда қалин теридан тикилган пойабзал бўлиб, у ҳам ўз эгасини кутаётган эди. Лакланган пойафзал қалин терили пойафзалга қараб хўрсинганча: “Бу дунёда адолат йўқ. Биз энг яхши пойафзал бўлишимизга қарамай, сизларни биринчи ўринда харид қиладилар. Сизлар тез сотиб олинадиган маҳсулотсизлар” – дерди. Қалин терили пойафзал: “Хафа бўлма, лакланган жуфтлик, сизларга алоҳида талаб бор. Сизлар, албатта, узоқ ва омадли хизмат қиласизлар, чунки сизлар шуни хоҳлайсизлар. Орзулар амалга ошади!” – деди. Лакланган пойафзал турган жойга харидорлар келишди – бу харидорлар ота ва ўғил эди. Улар шошилмасдан пойафзални кийиб кўришди. — Мана шу бизга керак пойафзалдир. Оёқда яхши турибди ва кўриниши ҳам жуда чиройли! Арзон эмас, лекин биз уни сотиб оламиз. Юлий, сен розимисан? – деб сўради отаси ўғлидан. — Розиман! – деди ўғли хурсанд бўлиб. Юлий қутига солиб ўралган пойафзални олиб, дўкондан отаси билан юзидан нур ёғилганча чиқиб кетди. Дўконга яна бир харидор кириб келди. Улар ҳам ота-бола эдилар. Улар ҳам узоқ пойафзал изладилар, бир неча пойафзалларни кийиб кўрдилар. Ва ниҳоят отаси деди: — Мана шу бизга керак пойафзал. Оёқда яхши турибди ва пишиқ ишланган. Нархи ҳам маъқул. Тўғрими, Юрий? Ўғли рози бўлиб бошини қимирлатди. Улар пулини тўлаб, дўкондан чиқдилар. Юлий уйга келиб, пойафзални очди ва киришдаги токчага қўйди. Паҳмоқ мушук янги пойафзалнинг олдига келиб, ўзининг аксини пойафзал юзида кўрди ва дўстлик белгиси сифатида орқаси билан ишқаланди. Пойафзал соябон, шиппак ва ботинкалар билан бир токчада ҳеч кимга керак бўлмай, бир ҳафта турди. Фақатгина мушук унинг олдига келар, ўз чиройини кўриш учун улардан кўзгу сифатида фойдаланар ва шу тариқа пойафзал ўзини ташлаб кетилгандек ҳис қилишидан фориғ қилар эди. Пойафзал жуда зерикиб кетди. Ва ниҳоят кунларнинг бирида Юлий мактабдан қайтгач, чиройли костюмини кийди ва токчадаги пойафзал олдига келди. Бола уй шиппагини ечиб, пойафзални кийди ва уёқ-буёққа юра бошлади. Мушук одатдагидек лакланган пойафзалга ишқаланиш учун киравериш хонасига кирганида, Юлий бошини артистларга хос тарзда кўтариб, қўлини белига қўйганча мушукнинг думини босди. Мушук оғриқ ва азобдан жон-жаҳди билан миёвлади. Бу Юлийни хавотирга солмади. Хонадан онасининг жаҳл билан бақирган овози эшитилмагунигача, Юлий лакланган пойафзали билан мушукнинг паҳмоқ думини босиб тураверди: — Юлий, мушукни қийнама! Бечора ҳайвон думи қўйиб юборилиши билан чиройли пойафзаллар олдидан қочиб кетди. Ахир, қийналишининг сабаби улар, деб ўйлади мушук. Лакланган пойафзаллар уятдан қаерга яширинишни билмай қолишди. Чунки, пойафзал қанчалик мўъжизавий бўлмасин, кўп нарса уларга боғлиқ эмаслигини, хўжайини қаерга борса, улар ҳам ўша ерга бориб унга бўйсунишлари кераклигини мушукка қандай тушунтира олардилар. Мўъжизавий пойафзаллар уят ҳиссидан ўзларини қўярга жой тополмай турганларида, отаси машинасида сочлари таралган ва чиройли кийинган Юлийни нурдан ялтираётган бинога олиб борди. Улар тез орада катта залда чиройли кийиниб, ажойиб мусиқа остида жуфт-жуфт бўлиб айланиб, рақсга тушаётган одамлар олдида пайдо бўлишди. Лакланган пойафзаллар ўзларининг таналарида бўлиб ўтаётган бу байрамнинг бутун жилосини акс эттираркан, завқдан қичқириб юборишди. — Бизнинг мусобақамизни Юлий ва Олеся давом эттиради! – дея микрофонда эълон қилишди ва лакланган пойафзаллар раққосларнинг оёқлари билан биргаликда шунақа товуш чиқариб ўйнашдики, уларни томоша қилаётган томошабинларнинг бошлари айланиб кетди. Лакланган пойафзаллар ҳатто мусиқа тўхтаганидан кейин Юлий рақсга бирга тушган шеригини ота-онасининг олдига олиб бориб, сўнг томошабинлар орасига ўтирганда ҳам ўзларига кела олмаган эдилар. Унинг ёнгинасидан кейинги ёш жуфтлик рақсга тушишга чиқди. Юлий оёғини астагина йўлга қўйган эди, зал марказига чиқиб кетаётган бола қоқилиб кетиб, шериги билан йиқилди. Томошабинлар вой деб юборишди. Ҳеч ким кулмади, аксинча, раҳмлари келди. Фақат Юлий ўз кулгусини тутиб туролмади. Томошабинлар унга ўгирилиб қарашганда, лакланган пойафзалга жуда ҳам уятли бўлди. Қувонч ўрнига хафалик келди, энди лакланган пойафзал ўзининг ялтираши хўжайинининг қилмишини яна ҳам ёмонлаштиряпти, деб ҳисоблаб, рақс залига келганидан афсусланди. Лакланган пойафзал уни пойафзаллар токчасининг тубига тиқиб қўйишганидан жуда хурсанд бўлди. Бу ерда у хафа ҳолда соябон ёнида ухлаб қолди. Тонгда у ўзини умуман сеҳрли, деб ҳисобламади. “Ҳаммаси қандай содир бўлди? Қалин терили пойафзал сен яхши ишга лойиқсан, деб нотўғри айтган экан. Ҳамма орзу ҳам амалга ошмайди”. Мушук лакланган пойафзалда ўзининг аксини кўргани келмади. Пойафзал Юлий кейинги тадбирга жўнамагунигача бир неча кун бутунлай ёлғизликда токчада турди. Ва ҳаммаси қайтарилди: ажойиб мусиқа, рақс, қарсаклар, уят ва даҳшат, Юлий ўз рақибларининг оёғини чалганида, узун кўйлакларини эзганида, пойафзалларини олиб қўйганида пойафзал лакида нафақат ажойиб муҳит акс этди, балки Юлийнинг ёмон хулқи ҳам кўринди. Сеҳрли пойафзаллар кираверишдаги токчага ухлагани ётгач, фақат бир нарсани: олдида осилиб турган пальтога ўз ялтироқ бурунларини иложи борича яширишни хоҳлар эдилар. Юрий дўкондан янги пойафзалда чиқди. Унинг эски туфлисини дадаси бирор кимга керак бўлиб қолар, деб ахлат идишининг олдида қолдирди. Уйда онаси дадасининг ва ўғлининг қилган ишини мақтади: — Кийсанг тўзимайди. Териси қалин, мустаҳкам. Таглиги тикилган. Ботинкалар кираверишдаги токчада лакланган пойафзалдек жойини эгаллади, мақтовдан ялтираб кетгудек бўлди. Пойафзал у ерда кўп туришига тўғри келмади. Дадаси Юрийдан озиқ-овқат қутисини болалар уйига олиб боришини сўради. Юра оёқ кийимини кийиб у ерга борди. Ёмғир ёға бошлади, пойафзал кўлмакларни айланиб ўтишга ҳаракат қилди, бироқ бу уларни сувдан қутқара олмади. Пойафзалнинг сиртлари юқоридан асфальтга тушаётган ёмғирдан қорайиб кетган бўлса-да, лекин ичи иссиқ ва қуруқ бўлиб, оёқлар маза қиларди. Болалар уйи унча узоқ эмас эди, тез орада Юрий оддий уй олдида тўхтади, рақам терганида уйнинг эшиги очилди. Юра охирги қаватга кўтарилди. У ердаги эшикларнинг бирига:“Анҳорча” болалар уйи” – деган ёзув осилган. Бу ерда Юрийни қадрдон дўстларидек қаршилашди: болалар ва тарбиячилар қувончли саломлар билан Юрийни ўраб олишди. Улар Юрийга озиқ-овқатлар учун миннатдорчилик билдиришди, алоҳида тарбияланувчи болалар эса шундай деб бақиришар эди: — Юра, юр, биз билан ўйнагани! Айниқса, саккиз ёшли Коля туриб олди. У Юранинг қўлидан ушлаб ўйин хонасига олиб кирди. Юра кўп ялинишларига йўл қўймай, ҳўл пойафзалини кираверишда ечиб, болалар билан ўйинчоқлари кўп хонага кетди. Катта конструкторда космик база қуришга шайланишди. Болалар у ерда фазогирлар яшайдиган жой қуриш учун жиддий режа қилишди: бу ерда учувчи капсула учун гараж бўлади; бу ерда тупроқларни ўрганиш учун ишлаш майдончаси қиламиз; бу ерда фазогирлар ухлашади… — Яна рақс учун катта зал қуриш керак! – деб хурсанд бақирди Коля. — Бу нима деганинг, бу космос-ку! У ерда рақс бўлмайди! – дейишди бошқалар. — Бизнинг станцияда бўлади. Бу жуда чиройли… “Катта бўлсам, космонавт бўламан ва ҳаммадан яхши рақсга тушаман” – деди Коля. — Тушингни сувга айт, орзулар фақат эртакда амалга ошади – деди болалар уйидаги болалардан бири. Юра уйга қайтаётганида, ёмғир тинмаган эди. Бироқ Юра шошилмасдан болалар уйидаги ғамхўрликка муҳтож болалар учун, уларнинг овқати ва кийими учун, шунингдек, яна Колянинг орзуси амалга ошиши учун ибодат қилди. Оёқлари иссиқ эди, чунки қалин терили пойафзаллар сув билан яхши курашиб, намликни ичига киргизмасдилар. Уч ой ўтмасдан Юлий унинг рақс пойафзали эскирганини ота-онасига айтди. Дадаси лакланган пойафзални токчадан олиб, эътибор билан қараб, деди: — Пойафзал янгидек-ку. Юлий бўш келмасдан деди: — Янги? Янгилар – каталогнинг энг охирги модасида бўлади. Булар эса кечаги кун, бу дегани - улар эскириб бўлган. Ойиси: “Сен уларни фақатгина бир неча марта кийдинг-ку” – деди. Пойафзаллар ўзларининг яроқсиз эканликларини эшитиб, хафа бўлишди. Наҳотки, шундай лакланган, ялтироқ, сеҳрли пойафзаллар ҳеч кимга керак бўлмай қолади? Наҳотки, уларни ташлаб юборишади? Пойафзаллар ҳўнграб юборай дедилар. Ота-онаси ва Юлий ҳеч нарсани ҳал қилмасдан ухлагани кетишди. Эрталаб дадаси шундай деди: — Яхши, ўғлим, мен сенга янги пойафзал олиб бераман. Лекин шундай шарт билан, сен уларни ўзинг ишлаб топасан. Юлий хурсандчиликдан қарсак чалди, лекин ишлаб топиш шарти уни хафа қилди: “Яна нима қилиш керак?” — Сен хайрия концертида қатнашасан. Мен маданият уйида хайрия концерти ташкил қилинаётганини ва ундан тушган маблағ “Анҳорча” болалар уйига юборилиши ҳақидаги эълонни кўрдим. — Маданият уйида рақсга тушиш? Ммм! Мен зўр майдонларда рақсга тушганман ва мусобақа ғолиби бўлганман, шулардан кейин маданият уйи...! – деди Юлий менсимай. — Нимагадир ўз касбининг усталари бундай концертларда қатнашишни уят ҳисобламайдилар, аксинча, шундай концертларга келишга ҳаракат қилишади. Дастурда қатнашувчилар рўйхатига қара, ўзинг ҳам ишонч ҳосил қиласан. — Агар ўз касбининг усталари у ерда бўлса, унда мен ҳам боришга розиман – деди Юлий ўйланиб. Туман маданият концерт зали одамлар билан тўлди. “Анҳорча” болалар уйининг тарбияланувчилари биринчи қатордаги ўриндиқларга жойлашдилар. Улар билан бирга Юрий ва унинг дадаси сингари болалар уйига ёрдам кўрсатган одамлар ўтирдилар. Юлий ўзининг шоҳона костюмида ва лакланган пойафзалида парда орқасида ўз чиқишига тайёргарлик кўрарди, ёнида унинг шериги Олеся ажойиб кўйлакда турарди. Уларнинг чиқиши эълон қилинди ва лакланган пойафзал мусиқа остида саҳнага чиқди. Лакланган пойафзал жуда тез айланди, лекин бу биринчи қаторда ўтирган меҳрибон кўзли боланинг оёғида турган эски дўсти қалин терили пойафзални танишга тўсинлик қилмади. Юрийнинг қалин терили пойафзали ҳам қачонлардир дўкон токчасида туриб дўстона суҳбатлашган ва ҳаваси келган лакланган пойафзални тезгина таниди ва ҳозирги омадига хурсанд бўлди. Юлийнинг Олеся билан чиқиши тугагач, улар таъзим қилганча, қарсаклар остида саҳнадан чиқиб кетишди, Юрийнинг пойафзали Юлийнинг пойафзалига салом берганча қимирлади ва деди: — Кўринишингиз ажойиб. Лакланган пойафзал оғриқдан буришди ва тез-тез гаплашди: — Бундай ялтироқ кўринишга эга бўлмаганим яхши эди. Бугун менинг охирги куним. Мени ташлаб юборишади, мен эса яна одамларга хизмат қилишни хоҳлар эдим. — Ўзингизни қўлга олинг, бирор нарса ўйлаб топамиз! – деб далда берди қалин терили пойафзал. Парда орқасида Юлийнинг дадаси қўлида қути билан кутиб турар, қутида янги каталогдаги ваъда қилинган пойафзал бор эди. Хурсанд ҳолдаги Юлий янги пойафзални тез кияркан, унга иккита нотаниш болалар яқинлашётганини пайқади. — Менинг исмим Юра, бу эса “Анҳор” болалар уйининг тарбияланувчиси Коля – деди болалардан бири. — Бизга сизнинг Олеся билан чиқишингиз жуда маъқул бўлди. Айниқса, сизга ўхшаб рақсга тушишни ўрганишни жуда хоҳлайдиган Коляга ёқди. Сиз унга нимадир маслаҳат бероласизми? Юлий янги пойафзални бир оёғига кийиб улгурганди, шунда бир оёғидаги эски лакланган пойафзал оёғини қисганини ҳис қилди. У жавобни кутиб, унга ҳаяжон кўзлари билан тикилиб турган болага эътибор билан қаради ва нимагалигини билмай, деди: — Менда омад олиб келадиган пойафзал бор. Улар сеҳрлидир. Уларни кийган одам яхши раққос бўлади. Юлий пойафзалининг иккинчисини ҳам ечиб, Коляга узатди. — Ол, мен уларни сенга совға қиламан. Қалин терили пойафзал лакланган пойафзалга кўзини қисганини ҳеч ким кўрмади, лакланган пойафзалнинг юзларида бахтдан нур сочилди. Буни ҳеч ким пайқамади, чунки атрофдаги ҳамма: Юра ва Юлий, уларнинг дадалари ва болалар уйининг тарбияланувчиси Коля бахтли эдилар. ДАМАНЛАР Даманлар – тоғда яшайдиган кичкина жасур ҳайвончалардир. Бир сафар баҳорда, қорлар эриб дарёга қуйилаётганида учта даманни оқизиб кетди. Улар бундай саргузаштга тайёр эмас эдилар, ҳатто кимнидир ёрдамга чақиришга ҳам улгурмадилар. Улар қилишлари мумкин бўлган нарса бу - ёнларидан оқиб кетаётган ёғочлардан ушлаш эди, холос. Қирғоқда олмахон сакраб юрарди. У фалокатга учраган ҳайвончаларни кўриб, уларга қандай ёрдам беришни билмаса ҳам, ортларидан югурди. Оқим билан курашаётган ҳайвонларга қандайдир далда бериш мақсадида олмахон уларга қараб бақирди: — Балки ёнғоқ хоҳларсизлар? Отишим мумкин. Даманлар ғазабланиб қарадилар, олмахон тезда яқинидаги яшириниш мумкин бўлган дарахтга сакраб чиқиб олди. Даманлар эса қутулиш фақат ўзларига боғлиқлигини тушуниб етдилар ва қандай қутулишни ўйлай бошладилар. Ҳайвонлардан бири совуқдан қалтираб деди: — Келинглар, бир-биримизни ушлаб олайлик, акс ҳолда ўламиз. Сизлар иккалангиз менинг думимни маҳкам ушланглар. Иккита даман бечора шеригининг думини тирноқли қўллари билан ушладилар, у эса ёғоч шохлари тагидан ўтиб кетаётганида, бор кучи билан сакраб шохларни ушлади. Иккала даман имкониятдан фойдаланиб, қўшни шохларга сакрадилар, шундай қилиб ҳайвончалар дарахт орқали қирғоққа чиқиб олдилар. Улар қуёш нурида қуриниб исиниб ётдилар ва ниҳоят, ўзларига келгач, тоғ оқими уларни оқизиб келган тарафдаги уйлари томон йўл олдилар. Даманлар қадрдон жойларига яқинлашганларида, қабиладошлари уларни кутиб олгани инларидан югуриб чиқдилар. Улар жон-жаҳдлари билан шундай дердилар: — Қандай қувончли воқеа! Қаранглар, дўстларимиз қайтишди! Бу ҳақиқий байрам бўлди. Қутқарилган даманларни ҳақиқий қахрамонлардек кутиб олишди. Олмахон дарахт устидан шовқинли хурсандчилик бўлаётган тарафга қараркан, бу воқеани эътибор билан кузатаётган қарғадан сўради: — Нима бўлибди? Нимага уларни қаҳрамонлардек кутиб олишяпти? Даманлар қандай буюк иш қилишибди? Қарға олмахонга қараб хўрсинди ва деди: — Улар қутулишди. Саволнинг жавоби савол берувчидан ҳам кўра кўпроқ ўзи учун жавоб бўлди. РУҲШУНОС ХОНАСИ Руҳшуноснинг хонасига навбат кутиб ўтирганлар кўп эди. Навбат қабул бошлангунча кўпайганди. Руҳшунос иш жойига кириб ўтириши билан хонасига келишган, қаддини қоматли қилиб кўрсатадиган қимматбаҳо костюм кийиб олган бир ёш йигит кириб келди. Руҳшунос катта ёзув столида атрофида ўтирарди. Йигит ўзини сал орқага ташлаб, оёқларини чалиштириб, қўлларини бир-бирига ўтқазиб, тиззасини ушлаганича руҳшунос қаршисидаги курсига жойлашди. — Мен сизни эътибор билан эшитаман, — деди хона эгаси. — Биласизми, муаммо шундаки, мен кафеда ўтирганимда, ёнимга қандайдир қария ёки ўзининг бир тўда боласи билан қандайдир аёл келиб ўтирса, иштаҳам йўқолади. — Менимча, сиз уларни сийламоқчи бўласизу, лекин буни қандай айтишни билмайсиз. Шундайми? Мижоз қошларини чимириб, лабини бурганча тезгина яна гапга киришди: — Йўқ, бундай деб ўйламайман. — Кейин у бир оҳангда давом этди: — Ўйлайманки, камбағаллар учун алоҳида ва бойлар учун алоҳида жой бўлиши керак. — Ҳа, жиддий муаммо, — деб тасдиқлади руҳшунос. — Сиз ўзингизга юқори баҳо берасиз. Бу масаланинг ечими шундай деб ўйлайман: ҳар куни эрталаб нонуштадан олдин Филиппиликларга мактубнинг иккинчи боб, учинчи оятини ўқинг: “…бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг”. Римликларга мактубнинг ўн иккинчи боб, ўн олтинчи оятини ўқисангиз ҳам яхши бўлади: “…Такаббурлик қилмай, бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар”. Мижоз ишончсизлик ва умид билан мутахассисга қаради ва сўради: — Бу ёрдам беради, деб ўйлайсизми? — Нима бўлганда ҳам бу сиз учун имконият. — Раҳмат, мен ҳаракат қилиб кўраман, — деди мижоз, ундаги қатъийлик эса қаергадир йўқолди. Кейинги мижоз остонадан бақириб деди: — Йўлакдаги навбатнинг кўплигини кўрмаяпсизми? Нимага одамларни куттиряпсиз? Қабулни тезроқ ўтказса бўлмайдими? — Ўтиринг, — деди юмшоқлик билан хона эгаси қўрс одамга. — Бундан ташқари, сизни нима безовта қиляпти? — Қўшниларим. Мени қўшниларим безовта қиляпти. Улар сизнинг олдингизга келишни хоҳлашмаяпти. — Бу уларга керак, деб ўйлайсизми? Мижоз бақириб деди: — Улар аллақачон сизнинг олдингизга келишлари керак эди! Улар менинг талабимни бажармай қайсарлик қиляптилар. Қайсарликни қандайдир йўл билан даволаш керак-ку! Руҳшунос хўрсинди-да, енгил йўталганча деди: — Қийин ҳолат, мен бу маслаҳатни жуда кам бераман, лекин бу сизга зарур. Ухлашдан олдин Бутруснинг биринчи мактуб бешинчи боб, бешинчи оятини ўқинг: “…Худо мағрурларга қарши чиқади, аммо камтарларга иноят кўрсатади”. — Маслаҳат менгами? — Сизга. — Қўшниларимга-чи? — Ўйлайманки, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади. Хонага бошқа мижоз кирди: — Кечирасиз, сизнинг қимматли вақтингизни оляпман, сиз қанчалик бандлигингизни тушунаман, бироқ мени эшита оласизми? Руҳшунос бу ёш мижозга ўтиришини илтимос қилишига тўғри келди. Мижознинг чигал нутқини руҳшунос эътибор билан эшитгач, деди: — Сиз ўзингизни паст баҳолашдан қийналасиз. Эрталаблари Галатияликларга мактубнинг учинчи боб, йигирма олтинчи оятини ўқинг: “Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар” ва Салоникаликларга биринчи мактубнинг бешинчи боб, бешинчи оятини ҳам: “Сизлар ёруғликда яшайсиз, ҳаммангиз кундуз кунга тегишлисиз”. Беқарор ёш йигитдан кейин кекса аёл кириб келди. — Мен жуда қийналяпман — деди у аёл. — Бу қийинчиликнинг сабаби нима, деб ўйлайсиз? — Бошқаларда бор нарса менда ҳам бўлишини хоҳлайман. — Аниқроғи, сизни ҳасад қийнаяпти? — дея тахмин қилди руҳшунос. Мижоз пастга қараб секингина деди: — Мен буни шундай аталишини хоҳламас эдим. — Бироқ муаммо нотўғри аниқланса, ундан холос бўлиш қийин. Мижоз хўрсиниб деди: — Нима ҳам дердим, сиз тўғри айтдингиз, ўйлайманки, менинг ҳолатим ҳақиқатдан ҳам ҳасадга яқинроқ. — Буни тузатса бўлади. Уйдан чиқишдан олдин, илтимос, Римликларга мактубнинг ўн учинчи боб, тўққизинчи оятини ўқинг: “…Бировнинг мулкига кўз олайтирманг…”. Аёл маслаҳат учун миннатдорчилик билдирди ва ўйланганча чиқиб кетди, хонага туртинганча, эгизаклардек бир-бирига ўхшайдиган иккита мижоз кириб келди. Бири иккинчисидан ўтаман, деб бақирар эди: — Илтимос, айтинг-чи, биз нима қилишимиз керак? Биз бир-биримизни ёмон кўрамиз. Бундай бўлса осмонда қандай кўришамиз? — Сиз бу ҳақда умуман хавотир олманг, у ерда сиз ҳам ва сиз ҳам бўлмайсиз — деди руҳшунос. Эгизаклар бир овозда бақирганча дейишди: — Бу бизга тўғри келмайди. — Унда Юҳаннонинг биринчи мактуби учинчи боб, ўн бешинчи оятини ўқиб кўринглар: “Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир…”. Эгизаклар яна бир овозда дейишди: — Худо сақласин, бу сўзларни айтиш ҳам қўрқинчли. — Шунга қарамасдан улар ҳақиқатдир — деган жавоб бўлди. Эгизаклар хонадан чиқаётиб бир-бирларига йўл беришди. Руҳшуноснинг иш куни ўз ниҳоясига етди. Яқиндагина одамлар билан тўла йўлак бўшади. Фақатгина эшикни ёпиш қолганди, холос, шу пайт бугун қабулга биринчи кирган ўша келишган йигит югуриб келди. — Сизни йўлдан қолдираётганим учун кечирасиз, лекин менда бир савол бор: мен шифо топганимда нима қилишим керак? Яна касал бўлмаслик учун-чи? Иммунитетни қандай мустаҳкамлаш мумкин? Руҳшунос калитни бураганича деди: — Витаминлар қабул қилинг. — Қандай витаминлар? — Ҳар доим хурсанд бўлинг, тўхтамай ибодат қилинг. Яна шундай ёзилган: “Сиз Худонинг маъбадисиз”. Руҳшуноснинг охирги жавоби шу бўлди. ЧУМЧУҚ “Сен жазоланасан!” – деб таҳдид қилди чумчуқ бурнининг тагидан пистани олиб кетган читтакка. Читтак пистани чўқиди-да, учиб кетди. Чумчуқ ҳеч ўзига кела олмади. У бу пистани кекса каптар билан жангда ҳалол ютиб олган эди, бироқ қаердаги бир читтак ундан олиб қўйди. Чумчуқ шаҳар хиёбони атрофи устида қанотларини қоқиб учди ва ниҳоят чарчаб, баланд бўйли кекса терак устига қўнди. Чумчуқнинг томоғи қуриб, сув ичмоқчи бўлди. Терак тагидаги кўлмак ялтираб кўринганлиги сабабли чумчуқ пастга отилиб тушди. Чумчуқ бу кўлмакда сув йўқлигини билмай елдай учиб келди… ва эриган қатронга тушиб кетди. Қурувчилар томни таъмирлаб, ишдан сўнг тозаламаган эдилар. Бечора чумчуқнинг панжалари сақичга ёпишиб қолди. Чумчуқ аввал чиқиб кетишга ҳаракат қилди, бироқ тез орада бунинг иложи йўқлигини билгач, тинчиб қолди. Қатрон кўлмагининг тепасидан учиб ўтаётган кекса каптар чумчуқни кўриб қолиб, унга раҳми келди ва ёрдам беришга қарор қилди. Боғда болалар сайр қилиб юришганди, улардан бирининг олдига каптар учиб келиб қўнди. — Ойижон, ойижон, — деб чақирди болакай — қаранг, жароҳатланган бечора каптар. У оқсоқланяпти, келинг, унинг оёғини боғлаймиз. Онаси каптарни ушламоқчи бўлганида, каптар сакраб қочди. Онаси яна каптарни ушламоқчи бўлди, каптар яна қочди. Қатронда қотиб қолган чумчуқнинг олдигача она ва бола каптарни тутиш учун орқасидан бордилар. — Бу айёр каптар бизни, мана, қаерга олиб келмоқчи бўлган экан-а! – деди боланинг онаси бечора чумчуқни кўрганида. Чумчуқни қатрондан тортиб олишди, у озодликни ҳис қилиб, қутқарувчисининг қўлидан чиқиб кетди-да, баланд кекса теракка қўнди. Ифлос оёқлари ёпишқоқ ва жирканч эди. Оёғини тозалаш учун чумчуқ шохдан-шохга сакраб, ўзидан кейин ифлос из қолдирди. Бу қушнинг сакрашларини қўшни дарахтда ўтирган қарға томоша қилиб кулди. Чумчуқ жаҳл билан қичқирганча деди: — Менинг кўз ёшим оқяпти, сенга эса кулгили? Қарға учиб кетди, чумчуқ эса унинг нотўғри ишини кечгача муҳокама қилди. Қуёш баланд дарахтлар ортига яширинди, чумчуқ кекса терак шохларига ёпишиб олиб ухлади. Чумчуқ эрта тонгда уйқуга тўйиб, хурсанд бўлиб уйғонди. Кейин у овқат қидиргани кетди. Боғда болача нон увоғи билан қушларни боқар эди. Чумчуқ қушлар тўполони орасига учиб келиб, каптарларнинг бурни тагидан нон ушоғини олишга ҳаракат қилди. Болакай нон увоғини ташлашни тўхтатиб, бу сурбет чумчуқни қандай ҳайдаш ҳақида ўйлай кетди. Ахир, бу ушоқлар фақат чумчуққа эмас эди-да! Болакай бошқа тарафга қараб ушоқни отса, сурбет чумчуқ ўша тарафда пайдо бўларди. Бола бош кийимини ечиб, чумчуқни ушлаб олди. Бош кийими тагида чумчуқ жон-жаҳди билан чирқиллай бошлади, буни ўша ердан ўтиб кетаётган кекса аёл эшитиб қолди. Аёл тўхтаб болага деди: — Қушни шундай қийнаш мумкинми? Сен бўлка нонни уни тутиб олиш учун олиб келдингми? — Бу қуш бошқа қушларни оч қолдирди. Бошқа қушлар еб бўлгунигача, шунинг тагида ўтира турсин – деб жавоб берди бола. — Қушларнинг ўз қонунлари бор, ўзлари ҳал қилиб олишади. Асирни қўйиб юбор, уни қийнама. Бола бош кийимни кўтарди, чумчуқ эса у ёқдан бу ёққа ўзини уриб, шундай дер эди: — Мендан нон ушоғини қизғанишди! Бу очкўз қушларга қаранглар! Фақат ўзларини ўйлашади! Нимага ҳамма менга адолатсизлик қилади?! Нимага мен ҳар доим қандайдир воқеаларга дучор бўламан?! Кейинги сонияларда чумчуқ кекса терак шохларида ўтирганида, кимдир ёнида бирданига оғир хўрсинди. Наҳотки, кекса терак шундай овоз чиқарган бўлса? Чумчуқ теракнинг хўрсинишини тасаввур ҳам қилмаган эди. Камига терак тилга кириб деди: — Аҳмоқ чумчуқ, сен ҳаётингда нимага шунча кўнгилсизликлар борлигини сўраяпсанми? Ўзингга қара. Сен нима қиляпсан? Сен менинг шохларимни тирнаб юбординг, қатронингни менга суркадинг, сен ҳар доим чирқиллашларинг билан мени безовта қиласан, шунга қарамасдан мен сенга бошпана бераман ва қачондир сенинг ақлли ва меҳрибон бўлишингни кутаман. Қачон сен фақат ўзинг ҳақингда ўйлашни тўхтатасан? — Мен сен учун нима қилай? — қўрқувдан қичқирди чумчуқ ва жавобни кутмасдан теракни бошқа қушлар безовта қилмасликлари учун терак атрофида уча бошлади. Чумчуқ ниҳоят савоб иш қилаётганидан хурсанд эди. Кейин чумчуқ ахлатхонага бориб, у ердан ленталар, латталар олиб келиб, теракка боғлади, бу - қушлар терак шоҳига ўтириб, уни ифлос қилмасликларининг белгиси эди. Чумчуқ куни бўйи нималаргадир овора бўлди, терак эса чумчуққа қандайдир муҳим нарсани айтишга ҳаракат қилди, лекин айтолмади. Чумчуқ шундай банд эдики, учаверганидан, учаверганидан теракни эшитишга вақти йўқ эди. Кейин чумчуқ дарахт сув ичишни хоҳлаяпти, деган қарорга келди ва яқин орада жойлашган кўлмакдаги қушларга ўзлари ҳақида ўйлайвермасликларини, сув терак учун кераклигини айтиб, уларни ҳайдади. Кечгача тумшуғида теракка сув ташиди, кучи қолмагач, кекса терак танасида тунаш учун жой қидирмасдан, кекса теракка яхши бўлсин деб, маҳрумликка ва қийинчиликка бутунлай сабр қилиб, тиканлар орасига яширинди. Эрта тонгда чумчуқ эзилган ҳолда уйғонди, лекин яна теракни кун бўйи суғоришни режалаштириб ишга киришди. Бу режаларни бажаришга ёмғир олиб келган қуюқ булут тўсқинлик қилди. Бир зумда хиёбон сувга тўлди. Чумчуқ нима қилишини билмай қолди. Унинг қанотлари жиққа ҳўл бўлиб кетди, чунки у ўзи ҳақида ўйламай, теракка ғамўрлик қилганди. Бошқа қушлар боғдаги дарахтлар шохларининг тагига яширинганлари учун ўзларини яхшироқ ҳис қилдилар. Бечора чумчуқ терак шохларининг учига ўтириб йиғлади: — Нимага бундай адолатсизлик? Бу қушлар меҳнат қилмасалар ҳам, ҳеч ким ҳақида ўйламасалар ҳам, қуруқ ва кўнгиллари тўқ ўтирибдилар. Мен эса кун бўйи меҳнат қилиб, ўзим ҳақимда бирор марта ҳам ўйламасдан, ҳўл бўлиб йиғлаб ўтирибман. Терак чуқур хўрсиниб деди: — Мен қушларга бошпана бўлишдан бахтлиман. Ношуд қушларнинг қўли мени тирнашидан бахтлиман. Менга қандай бўлсам шундайлигим ёқади, менинг шохларимда паноҳ топиш учун келишинг менга ёқади. — Мен сен учун нима қилай? — нолиб сўради чумчуқ. — Яша. Мен сен учун ҳар доим хурсандлигимни билгин – деб жавоб берди терак. Чумчуқ энг қулай шохга ўтириб, қуёшда қанотлари қуриши учун уларни ёйди. Пастда қушлар овқат қидириш билан овора эдилар. Чумчуқ уларни томоша қилар, лекин қушларнинг оғзидан бирор мазали нарсани олиб қўйиш хоҳиши йўқ эди. Чумчуқ бирор кимга бирор нарсани исботлашни хоҳламас ва ташвиш остида юришни ҳам истамасди. У қандай бўлса шундайлигидан ва уни кимдир шундайлигича қабул қилишидан хурсанд эди. БАЙРАМ Игор кўп қаватли уй айвонида ўйланиб турарди. — Безовта қилсам майлими? – деган дадасининг овози эшитилди хонадан. Игор отаси билан фикрини бўлишиши мумкинлигидан хурсанд бўлди. — Мен дўстларимни хурсанд қилмоқчиман, уларга ҳақиқий байрам қилиб бермоқчиман. Дада, мактабда дўстларим кўплигини ва уларнинг ҳаммаси яхшилигини ўзингиз биласиз. Улар байрамга лойиқ – деди Игор. Дадаси кулиб деди: — Мен эса сени хурсанд қилмоқчиман: режангни амалга оширишда менга суянишинг мумкин. Игор байрамнинг икир-чикирларигача ўйлади: таклифномани қандай ясашни, зални безатишни, чироқларни, мусиқани, дастурхоннинг ва қўл сочиқларининг рангини, идишларнинг қандай бўлишини, овқатни қандай олиб киришни. Байрам учун жойни ота-ўғил биргаликда танлашди, шаҳардаги байрамлар ўтказиладиган энг чиройли бинолардан бирида тўхташди. Беллашувда ва викториналарда қатнашишни хоҳловчи меҳмонлар учун кутилмаган совғалар, совринлар тайёрлаб қўйилди. Байрам кунига ҳамма нарса тайёр бўлди. Игор байрам учун буюртма берган тортни олиши қолган эди, холос. — Буни менсиз ўзинг уддалайсан — деди отаси. Игор ўйлаб, у бошқа одамнинг ёрдамисиз буни уддалай олмаслигини тушунди ва ўзининг иккита энг яқин дўстини ёрдамга чақирди. Дўстлари бажонидил ёрдамга келдилар. — Мен тортни олиб келгани бораман, тез қайтаман ва келишим билан байрамни бошлаймиз — деди Игор. Игор кетишга улгурмасидан сабрсиз меҳмонлар бирин-кетин келишни бошладилар. Игорнинг энг яқин дўсти деди: — Қаранглар, байрам учун ҳамма нарса тайёр, меҳмонлар ҳам шу ерда. Игорь тез келаман дегани билан, барибир, озгина вақт ўтади. Келинглар, уни кутиб ўтирмаймиз. Бошқа яқин дўсти ҳам тасдиқлаб деди: — Тўғри айтасан. Игор бу байрамни ўзи учун эмас, меҳмонлар учун қилди. Биз буни меҳмонлар зерикиб қолмасликлари учун бошлаймиз, — ва йиғилганларга қараб деди: — қадрли дўстлар, байрам бошланди! Меҳмонлар бажонидил ўз ўринларини эгалладилар ва овқатланишни бошладилар. Ҳеч ким тушунтирмагани учун кўпчилик бу кеча ким томонидан ва ниманинг муносабати билан ташкил қилинганлигини ҳам билмади. Игор торт билан қайтди. У узоқдан мусиқанинг овозини эшитди ва зиёфат бўлаётган жойга келганида эшик берк эди. Игор эшикни узоқ тақиллатди, бироқ унга ҳеч ким эшикни очмади. Ва ниҳоят қоровул чиқиб, унинг кимлигини ва нега эшикни тақиллатаётганини сўрай бошлади. Хурсандчилик қилаётган дўстлар нима муаммолигига қизиқиб қараганда, Игорни кўрдилар ва қоровулга буюриб дедилар: — Уни киритиб юборинг, у бизнинг одам! - Кейин Игорни юмшоқлик билан таклиф қилдилар: — Бизга қўшил! Бу ерда жуда зўр! Игор беллашув ва викториналарсиз совғаю совринлар ташиб кетилаётганини кўрди. Эсдалик совғалар тайёрлаб қўйилган сават атрофида тартибсизлик ҳукмрон эди. Тартибсизлик сават бўшаганидан кейин тугади. Игор хафа бўлди. Шу пайт унинг яқин дўстларидан бири югуриб келиб деди: — Зўр бўлди! Сен хоҳлаганингдек ҳақиқий байрам бўлди! Ҳамма хурсанд. Нимага ўзинг хомушсан? Кейинги кун Игор мактабда байрамга келган дўстларидан сўрай бошлади: — Сенга кечаги байрам ёқдими? “Зўр бўлди”, – дейишди кўп болалар. Овқатни, мусиқани, залнинг безагини, мазали тортни, совғаларни мақтардилар. Ўзгача байрам бўлди! – дейишди. — Сен уни ким ташкил қилганини биласанми? – деб ҳаммадан сўради Игор. “Аслида менга бу унчалик муҳим эмас, муҳими, байрам зўр ўтди ва ҳаммага ёқди” – деб кўп дўстлари жавоб беришди. Игор хафа бўлди. Мактабдан кейин уйга келиб, унга ҳар доим ўйлаш учун қулай бўлган уй айвонига чиқди. Дадасининг овозини эшитганида кеч кириб бўлган эди: — Безовта қилсам майлими? Игор дадасига ўзининг ҳолатини кўрсатишни хоҳламади, лекин отадан бирор нарсани яшириб бўлардими?.. — Нимага ҳафсаланг пир? Буни рад қилиш фойдасиз эди. Дадаси унинг елкасидан қучоқлаб деди: — Биз сен билан узумзор эгаси узум ўсиши ва ҳосил бериши учун кўп меҳнат қилиши кераклиги ҳақидаги матални Муқаддас Китобда ўқиганимиз эсингдами? Исо Масиҳ бизнинг ҳар биримизда ҳақиқий қувонч бўлиши учун, У сабабли бажараётган хайрли ишларимизга лойиқ мукофотни олишимиз учун қанчалар хизмат қилганини биласанми? Яхшиликка интилишни Исо Масиҳ бизнинг юрагимизга солган-ку. Фақат У ҳаммасини уюштирганини, байрамни ташкил қилганини билиш қанчалик муҳимлигини тушун. Тушунганингда, менинг гапларимни маъқуллайсан: хафа бўлиш ва қайғуриш мумкинми? ЗУЛМАТ ВА НУР Ваня кўп музқаймоқ еганидан томоғи оғриб қолди. Дарсларни қолдиришга тўғри келди. Дадаси ишидан бир кунга жавоб сўраб, Ваня билан уйда қолди. Ваня дадаси билан бутун кунни бирга ўтказиши мумкинлигидан жуда ҳам хурсанд бўлди, чунки дадаси билан ҳар доим қизиқарли эди. Дадаси бу сафар ҳам ўғлининг ҳафсаласини пир қилмади. У расм чизиш альбомини олиб деди: — Кел, биз сен билан эртак расмини чизамиз. — Биргами? — сўради Ваня. — Албатта — деди дадаси, қўлига қаламни олиб, эртакни айтиб бера бошлади: — Бир шаҳарда оддий одамлар бўлган экан. Улар қоронғуликда яшаркан. Яъни саводсизликда, чунки зулмат бу – одам яхшиликни ёмонликдан ажратолмаслигидир. — Биз бу ҳақида сиз билан Муқаддас Китобда ўқиганмиз! У ерда айтилишича, зулмат саводсизликдир, бу - одамлар ўзларининг ёмонликларини гуноҳ деб ҳисобламасликларидир, — дея Ваня бу ҳақида эслади. — Ҳа, тўғри. Атроф қоронғу бўлганда, албатта, қаерга кетаётганингни кўрмайсан, хоҳламаган жойингга тушиб кетасан. — Гуноҳга ва ёмонликка тушиб кетадими? — Ҳа, ёмонликка ҳам тушиб кетади. Шуни айтиш керакки, бу шаҳар одамлари ташқи кўринишидан чиройли. Уйлари тоза, кийимлари дазмолланган ва оёқ кийимлари тозаланган, бироқ уларнинг қалблари мана бундай бўлган, — Дадаси йиртилган кийим устига кулгили доғлар расмини чизди ва давом этиб деди: — Шаҳардаги муносабатлар қандай эди? Уни шундай кўриниш билан ифодалаш мумкин: харидор дўконга кириб, пишлоқ ва сариёғ беришларини қўполларча талаб қилди. Сотувчи аёл бу нарсаларни керагича тортиб, қолганини турадиган жойига отиб юборди. Дадаси бу кўринишни чизди: Харидор эшикни қаттиқ ёпганча дўкондан чиқиб кетди. Дўконга бошқа харидор кириб келди ва сотувчи эса биринчи харидордан жаҳли чиқиб, иккинчисига ғазабини сочди. Хафа бўлган харидор дўконнинг эшигини қаттиқ ёпиб чиқиб кетди. Дадаси қандай бўлган бўлса, шундай чизиб берди: Иш куни тугагач, сотувчи аёл уйдагиларига иши билан боғлиқ бўлиб ўтган воқеалар ва жаҳлига эрк берганлиги ҳақида айтиб берди. Харидорлар ҳам уйдагиларига сотувчининг қўпол муносабатини сўзладилар. Шу тариқа кундан кунга давом этар эди. Бу шаҳар одамлари бундай ҳаёт тарзини тўғри, деб ўйлардилар. Улар яшаётган зулмат уларнинг руҳий ҳолати ва ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги ҳақиқатни яширарди. Шундай ғалати шаҳар. Нафақат дўконда, балки барча муносабатларда шундай эди. Бир куни бу ерга бошқа шаҳарлик одам кириб келди. Унга нимадир керак бўлиб, машинасини ўша дўконнинг олдида тўхтатди. Йўловчи дўконга кириб, сотувчи аёл билан юмшоқ сўрашди-да, пишлоқ ва ёғ тортиб беришини сўради. Сотувчи аёл бундай юмшоқ муносабатдан эсанкираб қолгани сабабли ёғ билан пишлоқ қаердалигини эсидан чиқариб қўйди. Шу пайтда ўша ерда яшовчи киши кириб келиб, одатдагидек бақириб деди: — Ҳали кўп турасанми? Сотувчи аёл ҳам одатдагидек жавоб қайтармоқчи эди, лекин юмшоқ муомалали одам тургани учун нимагадир бундай қилмади. Сотувчи аёл ўзининг секин ҳаракати учун кечирим сўраб, сўраган нарсасини олиб берди. Қўпол муносабатда бўлган харидор сотувчининг юмшоқ жавобини эшитиб, бирданига унга ёд бўлган туйғуни ҳис қилди: у уялди, ўзини ноҳақ эканлигини тушунди ва … жаҳли чиқди. — Бўл, бўл, ишла тезроқ, сен бу учун пул оляпсан, – деб бақирди харидор. Қўрс харидор сотувчи аёлни ҳар доимгидек жаҳли чиқиб қўполликка қўполлик билан жавоб беришига умид қилди. Лекин бундай бўлмади! Сотувчи аёл яна ўзини тутиб олиб, юмшоқлик билан деди: “ҳаракат қиламан”. Хушмуомала харидор сотиб олган нарсасини олиб, миннатдорчилигини айтиб, хайрлашди-да, дўкондан чиқиб кетди. Қўпол муомалали харидор ҳам ўзини сотиб олган нарсасини олиб, эшикни қаттиқ ёпганча чиқиб кетди. У жуда ҳам жаҳлдор эди. — Дада, айтинг-чи, нимага у одам яхшиликни кўрса ҳам ёмон бўлиб қолишга қарор қилди? – сўради ўғил. — Унинг ишлари шунчалик ёмон эдики, яхшиликка жой қолмаганди. У йўлда учраган ҳаммага сотувчи аёлнинг нарсасини топа олмайдиган, пишлоқ, ёғ қаерда турганини билмайдиган аҳмоқлигини айтиб кетди. Бу хабар дўкон эгасигача етиб борди ва аёлни ишдан ҳайдади. Бечора аёл адолатсизларча хафа қилинди. Албатта, бу шаҳар аҳолиси учун ягона хоҳиш бу - қасос олиш, ярамас харидорни қарғаш, уни сўкиш. Бироқ унга буни қилишга нимадир халақит берди. Аёл ҳатто буни нималигини ҳам билмади. Унга бу шаҳарда ҳеч ким хушмуомала нотаниш одамдан ибрат олиб, ундаги нурга ҳам эга бўлганини тушунтириб бера олмади. Бу нур энди унга тўғри йўлни кўрсатди. Бу нур унга ўзининг ва бошқаларнинг қалбини покликда қандай сақлашни айтар эди. Одамларнинг ҳукм қилишларига қарамасдан, собиқ сотувчи аёл ўзининг амаллари билан нур бўлишга ҳаракат қилди. Бу осон бўлмади. Бироқ аёл баъзи шаҳар аҳолиси у билан суҳбатлашганларидан сўнг нурга ишонишаётганини пайқагач, хурсанд бўлди. Вақт ўтиши билан нурга келувчи одамларнинг сони кўпая бошлади. Зулматда қолганлар эса қаттиқ ғазабланардилар, чунки уларнинг нопокликлари нурда янада равшан бўлиб борарди. Улар нурни яхши кўрганларни масхаралаб: “Эй сиз, ожизлар ва омилар” – дейишарди. Бу гапларни эшитган ҳамма ҳам чидаб туролмасди. Кимдир ичида ёниб турган нурдан иккиланмай қайтарди. Биласанми, қандай? Зулматда юрганлардан ажраб қолмаслик учун қўполликка қўполлик билан жавоб беришарди. Буни хоҳлаганлари учун эмас, балки уларни масхаралашларидан қўрққанлари учун шундай қилардилар. Яна улар ҳаётларини лойиқ тарзда қура олмасликларидан, ишдан ҳайдалиш ва ёвузлик тарафидан келиши мумкин бўлган бошқа кўнгилсизликлардан қўрқардилар. Бу одамларнинг ичида ёмонликни яхшиликдан ажратиб турадиган нур бор эди, бироқ қўрқув туфайли ёвузликка бўйсунардилар. Шунинг учун улар яна шундай бўлиб қолдилар. Дадаси биринчи чизган кир расмни кўрсатди. — Ўғлим, сенга Якшанба мактабида шам ҳақида дарс берилган эди-а. Бу ҳам Муқаддас Китобдан. У ерда ёзилишича, чироқ ёқилиб усти идиш билан ёпиб қўйилмайди, кирувчилар кўриши учун аксинча қўйиш керак, дейилади. Муқаддас Китобдаги бу жойни эслаб қол, ўғлим, хўпми? — Яхши, дадажон, лекин менга зулматдан қандай воз кечишни айтинг. — Сенга совға қилинган нурни йўқотмагин. ТЕБРАНУВЧИ ЎЙИНЧОҚЛАР Янги ялтиратиб бўялган тебранувчи ўйинчоқлар ўзларининг қўнғироқларини қувноқ жиринглатишарди. Улар завод конвейерида туриб, тушлик танаффуси тугашини, ишчилар уларни рангли қутиларга сотиш учун ўрашларини кутишар эди. Ўйинчоқлар у ёқдан бу ёққа тебранишар, гўёки уларга мувозанатни сақлашлари завқ бағишларди. Улар жуда ҳам мустаҳкам қурилганликларидан ва ҳеч қачон полда шармандаларча думалаб ётишларига йўл қўймайдиган ўзларининг ички қурилмаларидан фахрланишарди. Бирданига ҳамманинг кўтаринки кайфияти ғалати ҳодиса туфайли бузилди: бир ўйинчоқ тебранганча пастга тушиб кетди ва ёни билан ётиб қолди. — Нима бўлди? — деди унинг қўрқиб кетган дугоналари. Ерда юмалаб ётган ўйинчоқ кулибгина шундай жавоб берди: — Менгами? Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Мен шунчаки сизларга ўхшашни, менга ўрнатилган қўпол ва жонсиз оғирлик истаги билан яшашни хоҳламайман. — Сен ўзинг тебранувчи ўйинчоқ бўлсанг, яна ерда думалаб ётибсан-ку — деди унга яқин дугонаси. Юмалаб ётган тебранувчи ўйинчоқ кулганча деди: — Сен ҳам менга ўхшаб юмалаб кўр-чи. Сен ундай қилолмайсан-а? Чунки сен оммага қарайсан. Мен эса шахсийман. Хоҳласам ётаман. Хоҳласам тураман. Тебранувчи ўйинчоқлар бу гаплардан қотиб қолишди. Улардан бири шубҳа билан деди: — Балки, у тўғри айтаётгандир? Нимага биз энди қандайдир бир темир кисмига қулоқ солишимиз керак? Мен ҳам нима хоҳласам, шуни қилмоқчиман. Шундай дея тебранувчи ўйинчоқ куч билан сакраган эди, конвейернинг бурчагига урилди. Мувозанатни сақлайдиган аппарат ишлаб кетиб, ўйинчоқ ўзининг олдинги жойига қайтди, бироқ унинг бошида эзилган жой қолганди. Унинг ортидан яна бир тебранувчи ўйинчоқ эътироз билдирганча, шундай деди: — Ҳақиқатдан, бундай яшаш тарзини бизнинг миямизга ким қуйган? Нимага биз қандайдир болаларга мустаҳкам ҳолатнинг муҳимлигини ўргатишимиз керак? Шундай сўзлар билан бу тебранувчи ўйинчоқ сакради ва уни бошқа ҳеч ким эшитмади. Унинг жарангли овоз берадиган қўнғироқчалари бузилиб кетди. Шунга қарамасдан, ёнбоши билан ётган тебранувчи ўйинчоқ тушкунликка тушмай, бошқаларни гижгижлаганча деди: — Яна ким менга ўхшаб мард ва эркин бўлишни хоҳлайди? Шовқин кўтарилди, бир ўйинчоқ даҳшат ичида шундай демагунигача, ўйинчоқлар йиқилиб бошқа кўтарилмаслик учун нималарни ўйлаб топишмади: — Биз ўзимизни бундай тутмаслигимиз керак. — Нимага? — деб сўрашди ларзага тушган дугоналари. — Билмадим, шунчаки мумкин эмас, бўлди. — Унда нима мумкин? Тебранувчи итоаткор ўйинчоқ йиғлаб юборди: — Фақат тебранувчи ўйинчоқ бўлиб қолиш мумкин. Акс ҳолда… — Акс ҳолда нима? Охиригача гапир! Тебранувчи итоаткор ўйинчоқ секингина деди: — Бизни яратган хафа бўлади. Бу пайтда корхонада чироқ ёнди, тушлик танаффусидан ишчилар фабрикага қайтишди. — Бу ерда нима бўляпти? — деб ҳайрон бўлди улардан бири. Ҳамма тебранувчи ўйинчоқлар ерда бузилиб ётган ўйинчоқ тарафга қарашарди. Улар бу тебранувчи ўйинчоқнинг жасурлигига ҳайрон қолишди, чунки бу ўйинчоқ одамлардан қўрқмасди ва улар келишганида туришга ҳаракат ҳам қилмади. Улар келгусида бошқалар қандай яшашлари ва ҳаракат қилишлари учун ундан кўрсатма кутишар эди. — Бу ишдан чиққан. — Тузатса бўладими? — деб сўради ўртоғи. — Йўқ, қурилма шундайки, агар у ишламаса, бутун ўйинчоқ ишламайди, таъмирлаш фойдасиз. — Демак, у бузуқ… — дейишди қўрқувдан бошқа тебранувчи ўйинчоқлар. — Қара, бу ўйинчоқнинг боши эзилган, бунисининг қўнғироғи ишламаяпти — деди ишчи. — Улар ҳам яроқсиз. Қолганларини ўраш мумкин. ХИЗМАТ Дарс бошланишидан олдин синф шовқин. Дам олиш кунидан кейин тўртинчи «а» синф бўш кунларини ким қандай ўтказганини муҳокама қилишяпти. Слава мақтаниб деди: — Мен циркда бўлдим. Филни кўрдим. — Улар нечта эди? — сўради ўртоғи. — Учта эди — деди Слава. — Мен бувижонимникига бордим — деб бақирди Паша. — Бувижоним қирғоқ бўйида яшайди. Биз бувижоним билан тонгда… — Мени эшитинглар — деб Пашанинг гапни бўлди Семён, — мен ҳам бувижоним билан циркка бордим. Фақат бизда филлар эмас, балки улкан бегемот хоним бор эди ва у устун бўйлаб юрарди. Кейин мен, бувижоним ва бегемот хоним биргаликда расмга тушдик. Қизиқчилар ҳам жуда кулгили эдилар… Семён шундай иштиёқ билан гапирардики, синфдаги ярим болалар қандай жойларига кетганини, қолган болалар эса унга зерикиш билан қараганларини пайқамай ҳам қолди. Дарсга қўнғироқ чалинди. Бошқа ҳеч ким бирор нарса айтишга улгурмади. Дарсдан кейин Паша ва Слава йўлакка чиқишди. — Сен туғилган кунингга кимни таклиф қиласан? — деб сўради Паша. — Мен бутун синфни чақирган бўлардим. Албатта, Семёндан ташқари, — деди Слава. — Уни ҳеч ким ҳеч қаерга таклиф қилмайди, — деб кулди Паша. — Чунки қаерга борса, ўша ерда фақат унинг овози эшитилади. Ҳеч кимга сўз бермайди, — деди Слава. Шу онда Семён худди уни чақиргандек болаларнинг олдига келиб, шундай таклиф билдирди: — Болалар, келинглар, бугун дарслардан сўнг разведкачилар ўйинини ўйнаймиз. Слава ва Паша бир-бирларига қараганча дедилар: — Шахсан мен дарс қиламан, — деб жавоб берди Паша. — Мен эса Пашага ёрдам бераман, — деди Слава. Семён бошини эгди. Мана яна уни рад қилишди. Наҳотки, у билан дўст бўлишни хоҳламаётганларини кўрмаган ва тушунмаган бўлса? У ҳаммага ёқишни, уларнинг кўнглини олишни, ҳаммани қизиқтиришни, ўзига қаратишни жуда ҳам хоҳлайди! Дарсдан сўнг у яна Пашанинг олдига келиб, мажбурий ҳолатда эмас, балки илтимос маъносида шундай таклиф қилди: — Балки, разведкачи ўйинини ўйнармиз? Ҳаво жуда яхши… Пашанинг синфдошига раҳми келди, хўрсинганича деди: — Майли. Фақат сумкамни уйга ташлаб келай. Разведкачи ўйинини ўйнаш шунчалик қизиқки! Об-ҳаво омадли бўлди. Баҳорги совуқ шамол эсарди, ҳамма жойда кўлмак, эриган муз сувлари. Разведкачилар ва уруш қаҳрамонлари айнан шундай шароитда ҳаракат қилишган. Қулаб тушган кўприклар тагида ва эски истироҳат боғларида жангда эканлигингни ҳақиқатдан ҳис қилиш мумкин. Ўша тарафга Семён ва Паша йўл олишди. — Бизни пайқамасликлари учун секин пастга туш, — деб пичирлади Семён, кейин ҳақиқий разведкачига ўхшаб, кўзини қисиб, кўприкка қараб эмаклай бошлади. — Бизни орқамиздан пойламаётганларига аминмисан? — хавотирланиб сўради Паша. — Аминман, — деб жавоб қилди Семён худди разведкадагидек паст овозда ва тезлик билан, кейин топшириқни тайинлади: — Тез орада эшелон ўзининг жангчилари ва қуроллари билан ўтади, биз портлагичларни қўйишга улгуришимиз керак. У бикфорд шнурини қўлига айлантирди ва уни кўприк тагига боғлагач, сувга қараб югурди, чунки ҳақиқий разведкачилар қирғоқ бўйлаб эмас, балки айнан сувда югурадилар. Ҳамма фильмларда шундай кўрсатади. Ҳақиқий разведкачиларга ўхшаб, Паша сувга қараб юрди ва сувни ҳар томонга сачратиб югуришни хоҳлаган эди, бироқ бундай бўлмади. У оёғини кўтаролмади. Қирғоқ ва сувнинг туби шилимшиқ бўлиб, боланинг оёғи у ердаги ботқоққа кириб қолди. — Семён, ботқоқлик мени тортиб кетяпти! — деб бақирди Паша. Семён бошида ишонмади. Ўйин деб ўйлади, Пашанинг тиззасигача кириб кетганини кўриб, ростдан қўрқиб кетди ва ёрдамга шошилди. Пашанинг қўлидан ушлаб, бор кучи билан тортди. Бу куч етарлича бўлмади ва Семён тиззасида туриб, бир қўли билан бутани ушлашига тўғри келди. Шу тариқа Паша ботқоқдан чиқиб олди. У оёғи билан қирғоқни ҳис қилгач, кўз ёшини аранг тутди. У жуда қўрқиб кетган ва кучли тушкунликка тушганидан аҳволи ёмон эди. Шимидан лой оқар, курткаси ҳўл бўлиб кетганди. Шамол қаттиқ эсиб, совуғи суяккача етиб борди. — Энди биз ҳақиқий разведкачилармиз, — деди Паша. — Балки, мен уйга югуриб бориб, қуруқ кийим олиб келарман? — сўради Семён ўйин тугаганини билдириш учун. — Мен бу ерда ёлғиз қолишга қўрқаман, — деди Паша совуқдан қалтираган лаблари билан. Семённинг уйига боришга қарор қилишди, чунки унинг уйида ҳеч ким йўқ эди. Йўл осон бўлмади. Оёқлар қалтираб, қулоқ солмас эди. Кўрганлар уларни қаерда бўлганларини билмай, бечора болаларга ҳайрон бўлиб қарашарди. Семённинг уйида разведкачилар ювиниб, ифлос кийимларини ювиб, қуруқ кийим кийдилар. — Биз сен билан уруш ўйинини зўр ўйнадик-а? — деди Семён. — Ҳа, менга ҳам ёқди, — деб жавоб берди Паша. Паша дўстига миннатдорчилик билдирмоқчи, унга яхшилик қилмоқчи бўлди, шунинг учун бундай деди: — Биласанми, сен зўр боласан. Бундай мақтовдан Семён хурсанд бўлиб кетди. Бироқ Паша давом этиб деди: — Фақат кўп гапирасан. Ҳамма сени эшитиши керак, сен эса ҳеч кимни эшитишни хоҳламайсан. Шунинг учун сен билан ҳеч ким дўстлашишни хоҳламайди. Паша Семён унинг очиқ гапираётганини тўғри баҳолашига амин эди, чунки танқид Семённинг фойдаси учун-ку. Лекин Семённинг жаҳли чиқиб кетиб деди: — Қани, йўқол бу ердан. Кимга дўстлик кўпроқ кераклиги ҳали аниқ эмас. Мен билан ҳаммага қизиқ, сен билан-чи? Дарёда қўрқиб, йиғлавординг. Қўрқоқ! Мен яна уни разведкачи ўйнашга чақирибман. Бу воқеа тез орада синфга аён бўлди. Болалар пичирлашиб, уни батафсил муҳокама қилишарди. Семён қаҳрамону Паша эса минғилловчи ва қўрқоқ деган фикрлар Пашагача етиб келди. Паша аламдан ва хафагарчиликдан тошдек ёпилиб қолди. Афсуски, бу воқеа узоқ вақтлик натижа бўлди. Бир марта олинган аччиқ тажриба ҳар сафар бирор бир фикр айтиши керак бўлганида, Пашани жим бўлишига мажбур қилар эди. Бир сафар Павелни - энди у катта одам, яхши лавозимда ишлайди - фирма асосчисининг юбилейи муносабати билан бўлган банкетга таклиф қилишди. У ишлайдиган бўлимнинг бошлиғи Павелга деди: — Табрикни ҳаммамиз биргаликда ўқиймиз! Матнни ёдлаш учун мен ҳаммага тарқатдим. Павел варақни олиб, ундаги ёзилган матнни ўқиди. Матн унда қайғу уйғотди, Павел уни айтолмаслигини ва яна ҳамма билан биргаликда айтолмаслигини тушунди. У ҳурмат қилган ва қадрлаган, юбилейи бўлаётган бошлиққа кўп-кўп пул, ҳамма нарсаси етарли енгил ҳаёт, чексиз қувонч тилай олмайди. Павел жойидан туриб деди: — Мен бу матнни ўқишни хоҳламайман. Бу ҳақиқий эркакка мос эмас, аҳмоқнинг орзуси. Уни айтишни хоҳламайман. Бошлиқ ўз ишчисига уни биринчи марта кўраётгандек қаради. — Биз билан бирга бўлмаган фирмада ҳам биз билан бирга бўлмайди. Шуни билиб қўй ва аҳмоқлик қилма — деди бошлиқ гап тугаганини билдириб. Юбилей кунида бўлим ишчилари бошлиқни биргаликда ёдлаган матнлари билан табриклаш учун бир қатор бўлиб тизилдилар. Фақат Павел фирма бошлиғига ўзининг шахсий тилагини билдириш учун чеккада қўлида табрикномаси билан турарди. Агар бу эртак бўлганида, унинг якуни бундай бўлар эди: Павелнинг ноёб ҳаракати бошлиққа ёқади, у Павел билан яқинроқ танишишга қарор қилади, қадрли ишчисининг ишдаги яхши сифатларини билиб, унинг лавозимини оширади. Лекин бу эртак эмас, аксинча ҳаёт. Павел ишини йўқотди. Шунга қарамай, ундан қадрлироғига эга бўлди. У қалбида Павел бўлишни тўхтатиб, ўзининг фикрини очиқ айтишга қўрқмайдиган, ҳатто атрофдагилар уни қўлламаса ҳам ва муҳокама қилса ҳам, ўзининг фикрида тура оладиган Павел бўлди. СОЯБОН Жентельмен бошқа шаҳарга иш билан борди. Самолётдан чиқиб ёмғирда қолди. — Соябонни унутибман! — деб эслади жентельмен ва дўкон томон йўл олди. Бир соябон уни сотиб олишларини жуда хоҳлаб, токчадан соябон танлаётган жентельменнинг олдига тушди. Жентельмен соябонни олиб, синчковлик билан текширди. — Чиройли экан, — деди у ва сотиб олди. У кўчада соябонни очиб, ўзини қулай ҳис қилди-да, енгил нафас олди. Соябон уни сотиб олишгани ва ниҳоят одамга хизмат қилаётгани учун бахтиёрлигидан бутун симларини тортиб кучанарди: — Оҳ, қандай мен бахтлиман! Қандай бахтлиман! Шамол сендан қўрқмайман, ёмғир сен мен учун қўрқинчли эмассан! Мен ҳўл бўлмайман! Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, мен одамларга жуда керакман! Ура! Ура! Салом дўстлар, нимага сизлар бундай ғамгинсизлар?! Ўтиб кетаётган соябонлар ҳўл елкаларини жимгина туширдилар, кучли ёмғир тагида уларга завқли эмас эди. Кучли шамолнинг шиддатли ҳужумига бардош берганча, улар уйга эсон-омон етиб олиш ҳақида ўйлардилар. Жентельменнинг соябони нимага унга эътибор беришмаётганини тушунмасдан янада қаттиқроқ бақирди. — Эй сизлар, тушкунликка тушганларинг етар, келинглар, бирга хурсанд бўламиз! Биз одамларга хизмат қиляпмиз! Симларингни юқорига кўтаринглар! Соябон шундай бақирдики, навбатдаги шамол ҳужуми уни тескарисига айлантириб қўйганини пайқамади, кўп симлари синди, балони осилиб қолди. Ҳўл бўлиб кетган жентельмен фойдасиз соябонни йиғиб, жаҳли чикқанча дўконга қайтди. Шуниси яхшики – у узоққа кетишга улгурмаган эди. — Сиз пулни қайтариб олишни хоҳлайсизми ёки бошқа соябонга алмаштирасизми? – сўради кайфияти тушган сотувчи. — Бошқа дўкондан харид қилишни афзал кўраман, — деб совуқ жавоб берди жентельмен. Харидор эшикни ғазаб билан ёпиб чиқиб кетганидан кейин сотувчи соябонни яхшилаб қараб, таъмирлаш хизматига бузилган нарсани тузатиш мумкинмилигини сўраш учун телефон қилди. — Кўриш керак, икки соатдан кейин бораман, — деб жавоб берди уста. Бу вақт давомида соябон бир чеккада хурсанд ётганча фикрлади: — Бошқа соябонларни бир марта сотиб олишади, мени эса таъмирлаб бўлганим учун яна сотиб олишади. Шундай қилиб, одамларга хизмат қилишим учун мени қўлдан қўлга беришади. Мана бу ҳаёт! Уста соябонни қўлида айлантирди, очди ва деди: —Мустаҳкамлик йўқолган, заводда мустаҳкам қотирилмаган. Уни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан. Шу сўзлар билан уста жамадонини очди ва ишга киришди. Соябон қаршилик кўрсатди, унга нисбатан қилинаётган бундай адолатсиз муносабат ҳақида нималардир, деб бақирарди. Хафагарчилик ва кўз ёш билан соябон яна қайтадан ўрнатилиб, мустаҳкамланиб, яна сотувга қўйилди. Таъмир унга бошқача таъсир қилди: соябон камгап бўлиб, ўзини кўрсатмас ва уни сотиб олишларини бошқа орзу қилмас эди. Лекин уни сотиб олишди. Ёмғир вақтида соябонни очишди, шамолнинг ҳужумидан симлари эгилмади. Тепага кўтарилиб кетмади, аксинча, тўғри ушлаб турди, балонли қоплама сув ўтказмади. Ёмғир ундан шариллаб оқди ва одам ўзини ишончли ҳимояланган ҳис қилди. Соябон бахтли ва тинч эди, лекин бу ҳақида ҳеч кимга айтишни хоҳламади. Унинг симлари ишончли ва қаттиқ бўлиб, бошқа томонга эгилмас, тескарисига очилиб қолмас эди. Соябон ҳам бундай бўлишини умуман хоҳламасди. ЛАЙЛАК Кучли қанотлар қушни ердан баландликда ушлаб турар эди. Ҳаво оқими бўйнига, белига қараб эсар ва қанотлари орасидан ўтарди. Лайлак буларга эътибор бермай, шамолнинг заррача ўзгариш оқимига ҳам улуғворлик ва оҳисталик билан мослашарди. Шу боис кўп қушлар ҳар доим лайлакка ҳайрат билан қарашарди. Лайлакда ҳамма нарса ажойиб эди, энг асосийси, у илонга ҳамла қилиб, атрофдагиларни ҳурматига сазовор бўлганди. Узунқанот қуш чивинларни, чуғурчуқлару қуртларни ва ҳатто ариларни осонгина енгадилар, бироқ улардан ҳеч бири илондан қўрқмаслигини айтолмайди. Ўша илонлар уларнинг инларини бузиб, болаларини ўлдиради. Баҳор қишнинг совуғини аста-секин сиқиб чиқара бошлади. Қуёш нурлари қорларни эритиб ерларни очарди. Денгиздаги муз эриб ирмоқлардан тошиб оқар, шохларда ва дарахтларда куртаклар пайдо бўла бошлаганди. Баҳорнинг ҳавоси ҳаёт яратувчи хушбўй ҳидлар билан тўлди. Лайлак ин қуриш учун янги жой қидирди. У дугонаси билан ўн йилдан бери яшаган жойида одамлар баланд биноларни бузиб, ёғочларни олиб кетдилар. Лайлак одамлар йўқ жойга учиб кетди. Ва ниҳоят, у ўрмон чеккасида ташландиқ кузатув минорасини кўриб қолди. Бу ерда қачонлардир ҳарбий бўлим бўлган. Лайлак миноранинг чеккасига қўниб, иннинг асоси мустаҳкам бўладими ёки йўқми, шунга амин бўлиш учун текшириб кўрди. Шундан сўнг бошини кўтарди ва бўйнини чўзиб, дугонасига белги бериш учун тумшуғи билан чўқишга киришди. Шу тариқа у дугонасига келажак оила ини учун яхши жой топгани ҳақида хабар берди. Ин учун мос жой топиш осон иш эмас. Узоқ вақт лайлаклар одамлар ёнида яшадилар. Бундай қўшничилик одамларни ҳам, лайлакларни ҳам қувонтирарди. Бироқ ҳаммаси ўзгарди, одамлар атрофни бинолар билан тўлдириб, қўшничиликни борган сари қадрламай қўйдилар, лайлакларга яшайдиган жой қолмади. Шунга қарамай, лайлакларга одамларнинг олдидан яшаш жойи топиш қийин бўлса-да, улар одамларни севишда давом этардилар. Ин қуриш ҳам осон иш эмас. Мустаҳкам асосдан ташқари эгилувчан қамишлар ҳам керак. Лайлак минорадан чиқиб ўрмон устига кўтарилди. Тепадан ўрмонда жойлашган кичик қишлоқ уйларининг ёрқин томлари лайлакка яхши кўринарди, шу пайт унинг ўткир кўзлари ўша уйларнинг ёнидаги илоннинг уйини кўриб қолди. Лайлак пастга тушиб қишлоқ атрофида айлана бошлади. Уйнинг олдидаги одамлар лайлакни кўриб қўлларини силкитдилар, лекин лайлак шунчалик банд эдики, уларга чалғимади. Унинг эътиборини мўриси пишган ғиштдан қилинган, ярми қулаган ташландиқ уй тортди. Лайлак у ерга тушиб, атрофни кузатган ҳолда ўйланиб қолди. Бу жой ин учун жуда қулай, лекин ташландиқ кузатув минораси кўпроқ мос келади, чунки у одамлардан узоқроқда. Бир мунча вақт ўтгач, лайлак тумшуғи билан дугонасига ўзининг шошгани хақида баланд овоз берди. Лайлак охирги қарорни қабул қилди. — Қаранг, ким ташриф буюрибди, — ўтган йилдан қолиб кетган ўтнинг тагидан кекса илоннинг овози эшитилди. — Қандай мағрурлик! — Ҳа, бошини эгмайди. Мағрурлик — энг оғир гуноҳ, — деди бунга жавобан илон боласи. Лайлак ғиштли мўридан ерга тушди. — Биз камтармиз, ҳамманинг оёғи тагида судралиб юрамиз, ҳеч кимга халақит бермаймиз… — суҳбат қурмоқчи бўлган илон гапини тугатолмади. Лайлак уни ушлаб, бошининг тепасига отди, оғзини катта очиб тезгина ютиб юборди. Лайлак бу жимгина судралувчининг аслида кимлигини билар эди-да. Бу воқеалардан сўнг тез орада ғиштли мўри тепасида тўқилган юмалоқ ин пайдо бўлди. Қамиш устига қамиш, шох устига шох қўйиб, лайлак ўз уйини қурди ва бир куни иши тугаш арафасида, у қуриш билан овора бўлаётганда, иннинг бир чеккасига лайлак доим тумшуғи билан белги бериб чақирадиган дугонаси келиб қўнди. Бир неча кундан сўнг тайёр инда иккита тухум пайдо бўлди, шундан сўнг лайлак хоним инини ташлаб кетмади, лайлак эса унга овқат етказиб бериш учун тинмай меҳнат қиларди. — Бизнинг илонлар қироллигимизга якун келди, — деб пичирлади қари илон уй олдидиги терилган ғиштлар тагидан. — Бу қишлоқда ҳеч нарсадан қўрқмай яшаймиз, қудуқ олдида энг зўр ёзни ўтказамиз, деган эдинг-ку, — деди унинг дугонаси. — Айтгандим. Тумшуғи билан хатосиз чўқиб оладиган лайлак бўлмаганида, ҳозир ҳам шундай деган бўлар эдим… Бу бизнинг қабиламиз йўқ бўлиб кетиши дегани! — Бошқа ҳеч нарса дема! Бу ерда донолик билан иш тутишимиз лозим. Биз, илонларга хос донолик билан. — Балки, яшаш учун ботқоққа кетганимиз яхшидир? — деб таклиф берди ёш илон. — Йўқ! Мен кўпгина айёрликлар ишлатиб, бу ғиштларни осонгина ташлаб кетиш учун душманимдан ютиб олмаганман! Ўзингиз ўйлаб кўринг, неча марталаб ғалаба қозондик. Қўшни аёл ҳар куни бизга сут олиб келади. Бизни ҳурмат қилиб гаплашади, кўнглингизни олади. Унга нима десанг, ҳаммасини биз учун қилади. Қайси ботқоқда сиз бундай мулозаматни топасиз? Илонлар жамияти вишиллаб, бу гапларни маъқулладилар. Ёш илон кулгудан қотиб деди: — Идишга сут қуяётган бу аҳмоқ аёлни чақиб олмай, деб ўзимни аранг тутиб тураман. Одамларни ёмон кўраман… — Сен қандай илонсан? Мен сенга нимани ўргатганман? — деб ғазабланди қари илон. - Ишончга кириш учун заҳарни яшириш керак. — Бундай қилиш менга қийин. — Шундай қилишингга тўғри келади. Айниқса, лайлаклар пайдо бўлганда. Жирканч қушлар! — деди қари илон. — Нима хоҳлайсиз, мен ҳеч кимнинг олдида судралмайман… Унга гапиргани бермадилар. Қари илон бу ёш илонни уясидан чиқариб, учиб ўтиб кетаётган лайлакнинг оғзига ташлаб юборди. Ёш илоннинг калласи лайлакнинг томоғига етиб борганида ҳам, унинг қари илон фикрига норози бўлиб вишиллаган овози эшитиларди. — Гапни тинчликда давом эттирамиз. Менда режа бор, — деди қари илон. Қарши чиқадиганлар бошқа бўлмади. — Биз уямиздан чиқиб, одамларнинг оёғи тагига судралиб борамиз. Одамлар бундан лайлаклар ҳужум қилаётгани туфайли илонлар бизнинг олдимизга келди, деб қарор қиладилар. Ҳар хил миш-мишлар тарқалади, бизга эса шу керак. Бу тартибсиз тортишувлар натижасида биз сиз билан қутулиб коламиз. Бу пайтда лайлакларнинг инида ҳаёт ўз маромида давом этарди. Кўзларини очишга улгурмасданоқ овқат сўраган иккита лайлакчалар пайдо бўлишди. Ота-она лайлаклар уларнинг қоринларини тўйдириш ташвиши билан банд эдилар. Бироқ уларнинг бошқа ташвишлари ҳам бор эди: лайлаклар улар яшайдиган ажойиб дунё ҳақида, сувли ўтлар, хуш ҳидли гуллар ҳақида, жирканч илонлар ҳужум қиладиган кичкина қушлар ҳақида ўзларининг болаларига айтиб бердилар. Илонларни қириш айнан лайлаклар зиммасидир. Чунки агар улар шундай қилмасалар, унда ким? Лайлаклар болаларини узоқ вақт боқдилар, улар улғайгач, ота-оналари уларни учишга ва овқат топишга ўргатдилар. Бир куни эрталаб лайлак инини ёлғиз эмас, иккита улғайган болалари билан қолдириб кетди. Улар қишлоқ ёнидаги далага бориб, қуёш ботгунча илон тутдилар. Бир куни илон ови омадли бўлган ажойиб қуёшли кунда лайлаклар бирданига қишлоқдан уларгача етиб келган қичқириқ овозини эшитдилар: — Илон! Илон! Лайлаклар уйга шошилдилар, одамлар безовталигининг гувоҳи бўлдилар. Шундай овозлар эшитиларди: — Бу қандай ҳужум? Илонлар ҳеч қачон ўзларини бундай тутмаганлар? — Бу лайлаклар туфайли. Улар илонлар уясини титадилар, натижада илонлар қаерга боришни билмайдилар, шунинг учун тарқаляптилар — деди бир кекса аёл. — Тўғри. Илонлар ҳеч қачон биринчи бўлиб одамга ҳужум қилмайдилар. Мен биламан-ку. Уларга ҳар куни идишга сут қўйиб бераман. Илонлар билан дўстлашса бўлади. Меҳрибон одам ҳамма билан келишади, — дея кекса аёлнинг гапини маъқуллади олтита боланинг онаси. — Бу ерда лайлаклар айбдор эмас, - деди 12 ёшли қизча, - улар бизга ёрдам беришни хоҳлайдилар. Одамлар ғазабланиб узоқ тортишдилар, анча вақтгача уйларига тарқалмадилар. Қоронғу тушди. Қишлоқ аста-секин уйқуга кетди. Сокинликда бирданига эшикнинг ғичирлаган овози эшитилди. Липиллаган чироқ нурида қарияларга хос вайсаган овоз шундай деди: — Мана, яна тортишиш учун мавзу топиб олишибди! Лайлакларнинг уясини бузиш керак – шунда иш якун топади! Бошқа жойларга бориб жойлашсин… Тез орада эски ташландиқ уйнинг ичи ёришди. Мўри тутади, ундан тутун чиқар, тепага чўғлар учарди, шунда лайлакларнинг уйи ёна бошлади. Тўртта безовталанган лайлак инларидан учиб чиқиб, уй атрофида айландилар. Уларнинг ёнган уйи йиқилмагунигача, ўша ерда учавердилар, учавердилар. Кейин лайлаклар тепага кўтарилиб, у ердан бошқа томонга учиб кетдилар. — Биз қаерга кетяпмиз? — деб сўради умуман ҳолдан тойган лайлак болаларидан бири. — Одамлардан узоқроққа. Иложи борича, узоқроққа — деб жавоб берди ота лайлак. Пастда ботқоқлик бўлиб, қирғоғида бошини чақмоқ урган қуруқ дарахт бор эди. Лайлаклар яланғоч шохларга қўндилар. — Мана янги ин учун жой, — деди она лайлак. — Жойлашишни бошлаймиз, — чарчаб нафас чиқарди лайлак. Ботқоқликдан сал нарида қишлоқ жойлашган эди. Бир куни лайлак тепадан қишлоқ томон судуралиб кетаётган илонни кўриб қолди. Бошида бу қишлоқда илонлар зоти пайдо бўлаётганини билишни хоҳламагандек, кўзини олиб қочди. Лекин хўрсинганча деди: — Агар биз бажармасак, унда ким? Бир куни ботқоқ яқинидаги қишлоқ аҳолиси уларнинг томлари атрофини қушлар ўраб олганини пайқадилар. ЭЛЕКТР ТОКИ Хароба бир қишлоқчадаги ёғочли эски уйда кечқурун стол атрофида бир кекса аёл йиртиқ-ямоқ пайпоқни тикиб ўтирар, эски шамдонда шам ёниб турар эди. Эшикни кимдир тақиллатди. Аёл ишини қолдириб, эшикни очгани кетди. Эшик илгичини очганда, у ерда қўлида қути билан турган ёш йигитни кўрди. — Нима керак? — деб сўради аёл қўполлик билан. Йигит яхши саломлашиб, деди: — Бу менга эмас, сизга керак. — Менга нима керак экан? — деб кулибгина аниқлик киргизди аёл. — Нур. — Менда нур бор. Мана, қандай ёруғ шам. Ёш йигит қутини эҳтиёткорлик билан очиб, ундан лампочка олди. — Бу ерда бундай шамлардан юзтаси бор. — Қаерда? — Бу лампочкада. Аёл жимгина йигитга термулиб турарди, шу сабаб йигит ўзини йўқотиб қўя ёзди ва журъатсизгина деди: — Бу аслида шам эмас… Аёл меҳмонга жимгина термулишда давом этди. Йигит энди ўзини умуман йўқотиб қўйди ва дудуқланиб деди: — Умуман олганда, мен сизнинг уйингизда нур бўлишини хоҳлайман. Бу лампочка. Уйнинг эгаси ниҳоят оғзини очди: — Сен буни айтдинг. Йигит бошини эгди ва чайналиб деди: — Бу лампочка сизнинг юзта шамингиздек нур беради. — Сен мени ким, деб ўйлаяпсан? Қандайдир аҳмоқ дебми? Мен қандай қилиб сенинг бу юзта шамингни ёқаман, унинг ёқадиган жойи ҳам йўқ-ку, гугурт қаерига ёқилади? — деб очиқ ғазабланди аёл. Йигит тушунтиришга киришди: — Гугурт керак эмас, электр токи олиб келиш лозим. Сим тортилса, чироқ келади. Агар сиз менга ишонсангиз, уйга киритинг, мен буни қиламан: Сим тортаман, ўчириб ёқиш тугмаларини ўрнатаман… Уй эгаси ташқарига чиқиб деди: — Ҳозир посбон чақираман, унга электр ҳақида айтасан. Шундан сўнг аёл махсус вазиятлар учун керак бўладиган това ва жувасини қўйган жойидан олди-да, жува билан товани қаттиқ ура бошлади. Огоҳлантириш овозига посбон тез етиб келиб сўради: — Марья Ивановна, нима сизни безовта қилди? — Мана бу товламачи шамларни қандайдир электрга алмаштиришимга кўндирмоқчи. Посбон хўрсиниб деди: — Ҳозир шундай товламачилар кўпайиб кетди. Ташкилий жиноий гуруҳлар. Асосийси, уларнинг ҳаммаси электр токи ҳақида гапиряптилар, уни кўрсатишини сўрасанг, дарров бемаъни нарсаларни тўқишни бошлайдилар: эмишки, уни кўриб бўлмайди, аммо фақат ҳис қилса бўлади, уни таъсири бўйича баҳолаш мумкин… Биласизми, нима деб ўйлайман? Мана шам. У ёняпти, ҳамма уни кўряпти, ҳеч нарсани ўйлаб топиш керак эмас. Сен шамни кўряпсанми? — деб сўради посбон йигитдан. — Кўряпман, — деди йигит хўрсиниб. — Энди менга электр токини кўрсат. — Уни кўриш учун сим тортиш, лампочкани ўрнатиш керак. Мен буни қандай қилишни биламан, — деди йигит шошилганча. — Сен яна ўзингникини маъқуллаяпсан, — деди посбон жаҳли чиқиб. — Тўхта, мен сени бундай зарарли даъватдан қандай қутқаришни биламан. Шу пайт Марья Ивановнанинг қўшниси қўлида боғлам сим билан югуриб келди. — Бу товламачи бу ерга ҳам кирибди-да! Мен ҳамма жойга сим тортдим, чироқ эса ёнмади-ку, — ғазабланиб бақирди у. — Нега рухсат бердингиз? Эрингиз билан маслаҳатлашмадингизми? — деб жиддий сўради посбон. — Буни ҳеч ким билан маслаҳатлашиш керак эмас, асосийси, ўзингиз ишонишингиз лозим, деди у. Мен эса ишондим… Йигит асабийлашиб деди: — Тўхтанглар, мен сизларга чироқ асосий подстанцияга уланса ёнади, деб огоҳлантирдим-ку. Бунинг учун ҳамма хоҳловчиларга сим тортиш керак. Мен шунинг учун уйларни айланиб, тушунтириб юрибман, кейин ҳамманинг чироғини ёқаман ва ҳаммангизда ёруғ, ҳақиқий нур бўлади. — Ҳаммаси тушунарли, уч кунга ҳибсга олинсин, — деб хулоса чиқарди посбон. - Ўтириб яхшилаб ўйлайсан, кейин яна суҳбатимизга қайтамиз. Уч кундан сўнг Марья Ивановна, қўшниси ва хароба қишлоқнинг бошқа одамлари навбатчи бўлимга келишди. Уларга товламачининг электр ҳақидаги зарарли тарғиботидан воз кечиши эълон қилинган эди. Посбон камерани очганида, ичкаридан ранги ўчиб кетган маҳкум чиқиб келди. — Хўш, ҳеч қандай электр йўқ, деб тан оласанми? — деб сўради посбон таҳдид билан. Йигит жуда ғамгин ҳолда жавоб берди: — Тан оламан. Сизларда электр йўқ ва онгингизни ўзгартирмагунингизгача бўлмайди ҳам. Посбон кафтини бир-бирига уриб деди: — Яхши, энди ўйлаб топган фикрларингни эсингдан чиқар ва мен сени бу ерда бошқа кўрмайин. Бор кет! Йигит симларини ва қутидаги лампочкаларини олиб кетди. Посбон уни ортидан кузатганча деди: — Ҳайрон қолдирадиган тарафи шуки, ўзи айтаётганига ўзи ишонади! — Бундай имонлилар кўп! — деб ғазабланишди йиғилганлар. ОРТИҚЧА САВОЛЛАР Дам олиш куни эрталаб тонгда дадаси ўғлига деди: — Бугун сен менга жуда кераксан, яхшилаб нонушта қилиб ол. — Яна нимага? — сўради ўғил. — Айтмайман. — Нимагалигини билмагунимча нонушта қилмайман. Дадасининг жаҳли чиқиб кетди ва деди: — Истироҳат боғига бориб, мен сенга сюрприз қилмоқчи эдим. У ерда жуда кулгули костюмларда кураш беллашуви ўтказиляпти. Сени лол қолдирай деган эдим, бироқ сенинг нолишинг туфайли менинг режам бузилди. Афсус. Ўғил сўради: — Биз барибир ҳам борамиз-а? Дадаси жавобан деди: — Ҳа, бироқ менинг кайфиятим бузилди. Йўл бўйи ўғли савол беришдан чарчамади: — Дада, нимага сувда чўмдирилиш керак? Дада, нега Муқаддас Китобда айтилишича, майнавозчилик бизга муносиб эмас? Дада, нимага «жинни» сўзини айтиш мумкин эмас. Дадаси ўғлининг саволига савол билан жавоб берди: — Сен буларнинг ҳаммасини ҳақиқатдан билмоқчимисан? — Ҳа, албатта, акс ҳолда мен бу қоидани бажара олмайман-ку, — тасдиқлади ўғли. Кейинги дам олиш кунида дадаси ўғлига деди: — Қани, чиройли кийимларингни кий. Ўғли сўради: — Нимага? Дадаси жавобан деди: — Бу сюрприз. Ўғли деди: — Нималигини билмасам, унда чиройли кийинмайман. Дадаси хафа бўлди ва тушунтирди: — Мен сени компаниямнинг рекламасини тасвирга олишга оладиган жойга олиб бораман. Сен у ерда кутилмаганда кадрга тушишинг керак эди, энди эса кутилмаган ҳолат бўлмайди ва реклама одатдаги актёрлар ўйини бўлади. Бир ҳафтадан сўнг дадаси тонгда қаергадир бориб, у ердан катта ўйинчоқ юк машинасини олиб келди. У ўйинчоқ радиотўлқин орқали бошқарилар эди. Дадаси машинани полга қўйиб деди: — Мен сенга бу машинани олиб беришни кўпдан бери хоҳлаётган эдим, ва ниҳоят навбатдаги буюртмани бажариб, уни сотиб олишга муваффақ бўлдим. Ол ва эгалик қил. Ўғил, албатта, дадасининг совғасига ҳайратланарли кўз билан қаради ва ажойиб машинани қўлига олгач, жуда ҳаяжонланди. Машинанинг у ёқ бу ёғига қараб сўради: — Нимага менга олдинроқ шундай машина олиб бермагансиз? — Мен бу ҳақида сенга айтиб беришни хоҳламасдим. — Дада, айтиб бера қолинг… — ўғли яна минғиллашни бошлади. Бу сафар дадасини жуда жаҳли чиқиб кетди ва деди: — Сен ҳақиқатдан билишни хоҳлайсанми? Унда эшит! Мен сенсорли эшикларнинг янги лойиҳаси устида тўлиқ бир ой ишладим. Бизнинг маҳсулотларимизни дўконларга қўядиган компания синди ва нафақат маҳсулотга кетган маблағни, зарарни қоплаш учун, балки яна фойда топиш учун ҳам ўзим бир одам топиб келишишимга тўғри келди. Бу одам қонун билан иш қилмас экан, натижада менинг эшикларимни терговнинг охиригача олиб қўйишди. Бу шахснинг ишида менинг иштироким борми ёки йўқлигини текширишди. Ниҳоят, иш кўриб чиқилганидан кейин маҳсулотимни менга қайтариб беришди; эшикларни яна дўконга жўнатдим, лекин орада кўп вақт йўқотдим, бу эса – зарардир. Бироқ эшикларни сотиб олишганида мен фойда кўрдим; шундай кейингина сенга машина сотиб ололдим. Бола буни эшитиб оғир хўрсинди ва деди: — Мен бу ҳақида билмаганим яхшироқ эди. Энди сиз бу машинага машаққат билан эга бўлганингизни билганимдан сўнг совғангизга хурсанд бўлиш мен учун қийин. Дадаси шундай деди: — Мен ҳам, ўғлим, сени керак бўлмаган маълумотлар билан безовта қилишни хоҳламаган эдим. Бу сенинг қувончингга соя солишини билардим. Мен сен учун олиб келган нарсамдан тўғри фойдаланишни ўрган. Ўрганасанми? — Ҳа, ҳаракат қиламан — деб жавоб берди ўғли. — Яна бир нарсани тушун, биз яшашимиз учун Худо онгимизни очган. Худо нима деганига қулоқ сол ва ортиқча савол бермасдан Унинг амрларини бажар. ҚИРОЛ БУЙРУҒИ Қасрнинг ажойиб тахт залида Қирол Мулойимлик ўзининг ўн етти ёшли ўғлига шундай деб ўргатар эди: — Ўғлим, сен мамлакатинг фуқароларига ва қўшни давлатларга нисбатан яхши муносабатда бўлиш қоидаларини ўзлаштиришинг лозим. Муносабат хушмуомалалик ва мулойимлик асосида қурилиши керак. Ҳеч қандай ҳақоратли сўз оғзингдан чиқмасин. — Ота, мен сизнинг дарсингизни амалда бажаришга ҳаракат қиламан, — деб ваъда берди шаҳзода Ишонувчанлик. — Мен сенга муҳим буйруқ бермоқчиман, — деди отаси давом этиб. — Йўлга отлан, сени узоқ сафар кутмоқда. Шаҳзода елкаларини тўғрилади, юраги қувончдан тез урарди, ниҳоят, отаси унга жиддий иш топширяпти! — Ўғлим, қўшни давлатда ҳолат ёмон. Ўзинг биласан, у давлатнинг бошқарувчиси қариндошимиз қирол Хайрихоҳлик бир неча йилдан бери урушдан қочишга ҳаракат қилиб, унга таҳдид қилаётган қўшни-босқинчи қирол Қўполликка катта солиқ тўлаяпти. Бу йил қирол Хайрихоҳлик ҳеч нарса тўлолмайди, чунки унинг омбори бўш. Биз қариндошимизни фалокатда қолдиролмаймиз, сен унга хазинамдан ажратган бойликларимдан олиб борасан. Йўлда эҳтиёт ва эътиборли бўл. Ҳеч ким билан танишма, бегоналардан узоқроқ бўл. Ҳар қандай ўйламай гапирган гапинг сенга қимматга тушиши, ҳатто ҳаётингни беришингга тўғри келиши мумкин. Мен сени керакли нарсалар билан таъминлайман, тўғри харита бераман, лекин кўп нарса ўзингга боғлиқ. Белгиланган кун қаср дарвозаларидан тўртта оқ отга уланган арава чиқиб кетди. Аравада шаҳзода бўлиб, соқчилар отларни миниб, кузатиб боришарди. Йўл ҳақиқатдан яқин эмас эди, отлар дам олмасдан кун бўйи юрдилар ва кечга яқин йўл бўйидаги меҳмонхонада тўхтадилар. Меҳмонхона эгаси кўз қири билан қараб, меҳмонни бадавлат эканлигини дарров аниқлади ва гирдикапалак бўлишни бошлади. Тез орада шаҳзодага қовурилган ёғли жўжа, мазали нон, пишлоқ ва яхна ичимлик олиб келинди. Хона иссиқ ва шинам эди, кун бўйи аравада юрган шаҳзода чарчаган танасини ёқимли роҳатланаётганини ҳис қилди. Меҳмоннинг яхши кайфиятидан фойдаланиб меҳмонхона эгаси саволларини бошлади: — Қаерга йўл олдингиз, ҳурматли жаноб? — Қўшни давлатдаги қариндошимизникига, — деди шаҳзода Ишонувчанлик. — Ҳа, ҳозир ҳамма саргузашт ва ўйин-кулгу қидириб, саёҳат қилишяпти. — Ким ўйин-кулгу қидиряпти, менми? — ғазабланди шаҳзода. — Менда қиролнинг жиддий буйруғи бор! Эзгу хизмат, тушкунликка тушган қиролнинг олдига ёрдамга кетяпман. — Қирол Мулойимликнинг буйруғи биланми? Қирол Хайрихоҳликка ёрдамга кетяпсизми? – деди меҳмонхона эгаси қизиқаётганини яширолмай. Шаҳзода ортиқча гапириб юборганини тушунди, кечки овқат учун миннатдорчилик билдириб, столдан турди ва меҳмонхона эгасига икки танга бериб, ўзига тайёрланган хонага шошилди. — О, сиз қандай сахийсиз, – деди олтинларни кўриб, қўли қалтираган меҳмонхона эгаси мулойимлик билан. Шаҳзода Ишонувчанлик ширин ухлаб қолди, меҳмонхона эгаси эса отни эгарлаб қоронғу ўрмон томонга чопиб кетди ва кимгадир қарға овози билан белги берди. Панадан иккитаси чиқди. Улардан бири сўради: — Бу сенмисан, Касофат? — Мен, мен, салом, қароқчилар! Сизларга хабар олиб келдим! Мени диққат билан эшитинг, вақтим кам, иккинчи марта қайтармайман. Мменинг меҳмонхонамда ким тўхтади, деб ўйлайсизлар? Шаҳзода Ишонувчанликнинг ўзи! У билан бирга саноғи йўқ бойлиги ҳам бор. — Аниқ биласанми? — Бундан аниғи бўлмайди. Арава, отлар, соқчилар, асосийси, нутқ – қиролларникидек! Қаранглар, у менга нима тўлади? — Касофат чўнтагидан олтинларни олганида, қароқчиларнинг кўзи чақнаб кетди. — Бундай олтин унда жуда ҳам кўп. У камбағаллашган қариндоши қирол Хайрихоҳликнинг олдига ёрдам олиб кетяпти. — Нимага сен ўзинг талон-тарож қилиб, олиб қўймадинг? – деб ишончсизлик билан сўради қароқчилар. — Шаҳзоданинг қўриқчилари шундайки, улар билан алоқа қилмаган маъқул, аммо ўзи эса навқирон ва тентак. Шу ерда сизлар менга ёрдам берасизлар. Йўлнинг айрилиш жойида турган йўлкўрсаткични эслайсизми? Уни шундай буриш керакки, шаҳзода ўзининг қариндошиникига эмас, балки бизнинг дўстимиз шаҳзода Қўполликнинг олдига йўл олсин. Ишонч ҳийлани тушуниб етмайди. Мен эса сизларнинг олдингизда қарздор бўлиб қолмайман, Қўполлик ваъда берган, мукофотдан, агар унга қимматбаҳо тошлар борса, сизларга улуш ажратаман. Хўш, келишдикми? Тонгги қуёш шаҳзодани уйғотди. У тезлик билан турди-да, нонушта қилиб, ўз соқчилари ва хизматкорларига йўлга отланишни буюрди ва меҳмонхонани тарк этди. Йўлда туман қоплагани боис арава ва соқчилар жуда секин юрарди. Аста-секин туман тарқала бошлади ва энди тезликни ошириш мумкин эди. Тушлик вақтида йўловчилар икки йўл айрилган жойга етиб келишди. Шаҳзода қош қорайгунига қадар манзилга етиб олиш мақсадида шошаётганлиги учун отасининг харитаси билан йўлни солиштирмай, йўлкўрсатгичга ишониб, Хайрихоҳлик шоҳлиги томон кўрсатаётган йўлга бурилди. Кечга қадар отлар тинмай югурди ва чавандозлар олдиларида ғамгин қалъани кўрганларида жуда таажжубландилар. —Ғалати, – деди шаҳзода, – бундай сарой бизнинг йўлимизда бўлиши мумкин эмас эди. Йўловчилар ёпиқ дарвозалар олдига келишди, шаҳзоданинг хизматкори дарвозани тақиллатди. Кузатув ойначаси сал очилиб, кимдир сўради: — Кимсизлар? Қаерга ва нима учун кетяпсизлар? Шаҳзода отасининг ўгитларини эслаб, аравадан тушиб мулойим жавоб берди: — Салом, шу шаҳарнинг ҳурматли фуқаролари! Мен – шаҳзода Ишонувчанликман, Хайрихоҳлик шоҳлиги томон йўл олганман, аммо, бизнингча, йўлдан адашганга ўхшаймиз. Афсусдаман, аммо менинг харитамда сизнинг саройингиз кўрсатилмаган. Дарвозалар кенг очилди, йўловчиларнинг йўлини тўсган ҳолда соқчилар келганларнинг кўз ўнгида қўпол кулиб юборишди. —Ножўя саволим учун кечирасиз, аммо сизларга нима кулгули бўлиб туюлди? – деб сўради шаҳзода. — Гапириш тарзинг, отасининг ўғли. Мени аҳмоқ ҳисоблаб, шаҳарга киравер, — деди соқчилардан бири. Шаҳзода мулойимлик билан аниқлик киритди: — Гап нима ҳақидалигини иккимиз ҳам тушуниб турибмиз. Менга сизнинг шаҳрингиз керак эмас. Мен йўлдан адашиб қолдим ва қаердалигимни билишни хоҳлайман. — Жуда мулойим? Унда бошқа дунёга хуш келибсан, аравангни киргиз, – дея соқчилар отларнинг юганини ушладилар, арава ва чавандозларни дарвозадан судраб олиб кирдилар. — Илтимос, лутф кўрсатиб, мени ўз ҳукмдорингиз олдига олиб боринг. Бош соқчи йўлга тупурганча жавоб берди: — Яхшиси, аҳмоқ, бу ҳақида сўрамаганинг маъқул. — Эй, ошна, эҳтиёт бўлиб гапир, — деб олдинга сурилди соқчиларнинг бошлиғи, унинг қарамоғидагилар шаҳзоданинг атрофини ўраб олиб, қиличларини чиқардилар. Бироқ улар бир қадам ҳам ташлай олмадилар. Соқчилар бошлиғи қўли билан белги берган заҳоти қаердандир шаҳзода ва унинг соқчилари устига металл тўр тушиб, одамларни ерга босиб қўйди. Отларни ва араваларни тўрдан бўшатиб олиб кетишди. — Бу қандай ғалати шаҳар? — безовталаниб сўради шаҳзода. — Биз қопқонга тушдик, деб ўйлайман, — деди соқчиларнинг бошлиғи. — Кимдир бизни йўлдан адаштиришга уринди ва энди биз қирол Қўполликникида меҳмонмиз. — Нима қилиш керак? — деб сўради хавотирланиб шаҳзода. — Кутиш керак — деб жавоб берди соқчилар бошлиғи. Қўриқчи асирларга қараб, қаттиқ кулиб деди: — Хўш, аҳмоқлар, тутилдиларингми? Шу ерда ўтиринглар, ўзларингга келиб олинглар, чунки назаримда, сиз тартибли одамларсиз-ку. Қоронғу тушиб, саёҳатчиларнинг кийимидан совуқ ҳам ўта бошлади. Шаҳзода ўзининг келиб чиқиши ва юқори лавозимини унутиб, қароқчилар бошлиғининг плашига ўранди, бошқалари иссиқ бўлиши учун бир-бирларига яқин бўлиб олишди, шу ҳолда тонгни кутишди. Тонгда бош соқчи келиб, қўли билан белги берганида тўр кўтарилди. Ҳолдан тойган саёҳатчиларга соқчилар ташланиб, шаҳзоданинг мулозимлари ва соқчиларидан қуролларини тортиб олишди, сандиқ тўла қимматбаҳо буюмларни олиб кетишди. — Кечирасиз, мен ҳукмдорингиз билан гаплашсам бўладими? — деб бош соқчига яна мурожаат қилди шаҳзода. Бу мурожаат соқчида шундай ғазаб уйғотдики, у қиличини қўлга олди. — Мен сенинг нодон бошингни олиб ташлашимни хоҳламайсанми, мабодо? — деб бақирди қиличини силкитиб. — Ҳазрати олийлари, - деди соқчилар бошлиғи шаҳзоданинг қулоғига пичирлаб, - маслаҳат бергани журъат этганим учун кечирасиз, лекин, мен ўйлайманки, ҳозирча жим турган маъқул. — Ҳамманг йўқол! — деб бақирди бош соқчи ва шаҳзодани ўраб турган соқчиларни тепиб ҳайдай бошлади. — Мен гап нимадалигини тушундим, - деди соқчилар бошлиғи, - биз исёнчилар шаҳридамиз. Отангиз қирол Мулойимлик бу ерга ёмон одамларни жўнатади. Ҳар доим ҳокимиятга қарши бўлган, ҳамма билан уришадиган, ҳаммани ҳақоратлайдиган қўполларни жўнатади. Бу ер уларнинг ҳудуди, агар ифлос уришиш сўзларини ёки ҳазилларни ишлатсангиз, шунда улар олдингизда эшикларни очишади. Ҳукмдорига ҳурмат уйғотиш фойдасиздир, назаримда, қирол Қўполлик бу вазиятдан хабардор, бу қўпол гапирувчилар унинг буйруғи билан ҳаракат қилишяпти. — Отам мени ҳар қандай ҳолатда, ҳар доим мулойим ва юмшоқ бўлишга ўргатган. — Унда сиз бу ерда омон қолмайсиз. — Бу ердан қандай кетса бўлар экан? Роса қорним очди ва ундан ҳам кўра жуда чанқадим. — Аввал текшириб кўрамиз, мен ҳақманми ёки йўқ? — деди соқчилар бошлиғи ва бақириб деди: — Бу шаҳарда бошқа аҳмоқларни уйига қўядиган бирорта аҳмоқ борми? Шу ондаёқ бир неча уйларнинг эшиклари очилди ва бир неча қўпол овозлар чақира бошлади. — Кел, аҳмоқ, менинг уйимга кир! Соқчиларнинг бошлиғи бир эшикка яқинлашганида, ичкаридан кимдир унинг кўкрагидан ушлаб, уйга олиб кириб кетди. Орқасидан шаҳзода кирмоқчи бўлганида, ундан сўрашди: — Сен нима дейсан? — Салом, меҳрибон одамлар. Шунда таҳқирлаш, ҳуштак, хохолаш овозлари эшитилди. — Мана бу оқсуякка қаранг! Сен қаердан пайдо бўлдинг? Сен билан ҳеч ким бир дастурхон атрофида ўтирмайди. Бор, кет, сенинг мулойимлигинг сени иситсин ва қорнингни тўйғазсин. Шаҳзода қорни очганини ҳам эсидан чиқариб, ёш болага ўхшаб йиғлагиси келди. У ифлос, тупурилган кўча ўртасида ёлғиз турар, соқчилари кетиб қолишган, уйларнинг эшиклари берк эди. Шаҳзода ўзи билмаган ҳолда қаергадир кетди ва ўзига жалб қиладиган ҳид олдида тўхтади. Олдида нон дўкони бор эди. — Илтимос, менга озгина нон беринг. Мен сизга яхши тўлайман, — деди кўзида ёш билан шаҳзода. — Қанча берасан? — тезда сўрашди ундан, кўз ёшлар ҳеч кимга таъсир қилмаганга ўхшарди. — Қанча сўрайсиз? — Кийимингни бергин-да, озгина нон олиб, йўқол, – дея ташқарига чиқди дўкондор. Бу меҳрибон одам қирол кийимининг ўрнига шаҳзодага сассиқ жулдур кийим ва нон ташлади, лекин Ишонувчанлик шунга ҳам хурсанд бўлди, чунки энди у қорнини тўйғазиши мумкин эди-да. Лекин у нонни бир неча марта тишлашига улгурмасидан, унга таниш соқчи пайдо бўлди ва шаҳзоданинг қўлини қайириб, итариб, тезроқ юришини буюрди. Калтакланган, қийноққа солинган шаҳзода бироз вақтдан сўнг тахтда ўтирган калта оёқли одамнинг олдига олиб келинди, у одамнинг бошида қирол Мулойимликнинг тожидек тож бор эди. Тахт олдида шаҳзодалар турар, полда эса шаҳзодага кийим эвазига нон берган дўкондор эмаклаб юрарди. У хушомад қилганча деди: — Ҳазрати олийлари, онам ҳаққи қасам ичиб айтаман, бу мендан нон ва нарсаларимни ўғирлаган ўша ўғри. — Ўчир, аҳмоқ, мен ўзим ҳал қиламан, — дея чинқирди қирол одамча. Шаҳзода унинг олдида қирол Қўполлик турганини тушунди, мулойим саломлашмоқчи эди, бироқ ўзига зарар келтирмаслик учун қандай мурожаат қилишни билмади. — Сен кимсан ва нимага менинг шаҳримга бостириб келдинг? — деб бақирди қирол. — Мен шаҳзода Ишонувчанликман, шаҳрингизга бостириб келганим йўқ, аксинча йўлдан адашиб қолдим, мен умуман бошқа тарафга, қирол Хайрихоҳликнинг олдига боришим керак эди. Сизнинг соқчиларингиз менга ҳужум қилиб, аравамни, отларимни ва бойлиги бор сандиғимни олиб қўйдилар… — Йўўўқ, сизлар бу сурбет сассиқ гадойга қаранглар. У ўзининг келиб чиқиши бой ва бадавлат эканлигини тасдиқлаяпти! Ўзингга бир қарагин, тасқара! – деб бақирди қирол. Оломон бақирганча, сурбет гадойни лаънатлашарди. — Унинг ўғри ва ёлғончи эканлигини ўзларинг кўряпсизлар! — деб ҳаммадан ҳам қаттиқроқ бақирди дўкондор. — Унга ўлим, унга ўлим! — шавқатсизларча талаб қилди оломон. — Албатта, ўлим! — деб қичқирди Қирол. — Фақат, мен бугун меҳрибонман, шунинг учун бу ёлғончи ва ўғрини афв этаман… агар у шаҳзода Ишонувчанлик ва унинг Отаси қирол Мулойимлик эканидан воз кечадиган ҳужжатга имзо чекса. У қиролдан ҳеч қандай буйруқ олмаганини, Ишонувчанлик тарбиясини қаердадир эшитганини, бу унга жирканч эканлигини тан олсин. Ёлғончи ва ўғридай у ҳеч қачон келиб чиқиши олийжаноб одамларни ҳеч қачон севмаганини, аслида бир кун ҳам сўкишсиз ўтмайдиган бизнинг ажойиб исёнкор шаҳримизда яшашни хоҳлашини айтсин ва яшайверсин. Агар яшай олса, – деб қирол қўшиб қўйди хохолаб кулганча. «У-у-у», — деди оломон рози бўлмасдан. — Аҳмоқлар, яна нимадан норозисизлар?! Йўқолларинг! — деб қичқирди қирол. Соқчилар оломонни тепиб ҳайдашга тушдилар. — Мен бу мулойим ва тартибли болани қандай роҳат билан ўлдирган бўлардим, — деди қирол унга таъзимда турган маслаҳатчисига. — Бироқ менинг қирол Мулойимлик билан тинчлик битимимиз бор. Агар у ягона меросхўрини менинг буйруғим билан ҳаётидан маҳрум қилинганлигини билса, урушдан қочиб бўлмайди. Биз эса Мулойимликни енгадиган даражада кучли эмасмиз. Қирол Мулойимлик ярим йил ўғлини тополмади. Тўғрироғи, хизматкорлари уни талон-тарож қилиб ўлдиришган, акс ҳолда, яхши ўғил ўзининг тириклиги ҳақида белги берар эди, деб ишонтиришарди. Қирол умидини сўндирмади. — Мен уни топиш учун яна ҳаракат қилиб кўраман, — деди қирол Мулойимлик хизматкорларига. — Биз қироллигимизнинг ҳамма бурчагидан қидириб чиқдик, фақат бир жойдан ташқари. Меҳмонхона жойлашган чегарада бир ташландиқ жой бор, унинг эгаси кўпдан бери ишончни йўқотган. Унинг устидан қилинган шикоятлар бир неча марта менга етиб келди. Кимдир менга унинг ҳақиқий исми ҳатто Касофат эканлигини айтди. Шундайми ёки йўқлигини текшириш пайти келди. Кечқурун қирол Мулойимлик шу меҳмонхонага етиб келди. Меҳмонхона эгаси қирол меҳмон бўлиб келганини кўриб, ранги оқариб, дудуқланганча қаршилади: —Бизнинг камтаргина меҳмонхонамизга ташриф буюрганингиз биз учун шарафдир! Ҳазрати олийларига қандай хизмат қилишим мумкин? — Одатда, чарчаган саёҳатчиларга қандай хизмат кўрсатасизлар? — деди қирол узоқ суҳбат қилишни хоҳламаётганини шама қилиб, уни нима қизиқтираётганини айтди, - Менга айт-чи, ярим йил олдин сенинг меҳмонхонангда ёқимтой бир йигит тўхтаганмиди? Меҳмонхона эгаси ҳақиқатдан қўрқиб кетиб деди: — Ярим йил олдин? Ҳамма меҳмонларни эслаб қолиш мумкинми! Биттаси келганди, шекилли, қирол Қўполликка тортиқлар олиб кетаётганини айтганди. Кечки овқатдан сўнг қирол энг яхши хонага йўл олди. Йўл уни чарчатган бўлса-да, у ухлай олмади. Меҳмонхона эгасининг ўзини тутиши ғалати эди, қирол Қўполликнинг олдига кимдир ўз хоҳиши билан кетаётгани ҳақидаги хабарни қирол ақлига сиғдира олмади. Қирол тонгни аранг кутиб олди ва отларни эгарлашни буюрди. Кун ярмига етганда, улар икки йўл айрилган жойга келдилар. Қирол тўхташни буюриб, аравадан тушди. У йўлкўрсатгич белгисининг олдига келди: ўнгга юрадиган йўл — Қирол Хайрихоҳликнинг олдига, чапга эса ҳеч ким ўзи хоҳлаб бормайдиган исёнчи шаҳарга олиб борарди. Шаҳзода у ёққа бормайди, чунки унда тўғри харита бор. Қирол ўйланиб туриб, белгини қўли билан урган эди, у кутилмаганда айланиб кетди. Шунда у йўлкўрсаткични итариб юборди ва кўрсаткич йиқилиб тушди. — Нима деймиз, менимча, масала нимадалигини тушундим. Кўрсаткич шундай қўйилганки, агар мен ўнгга юрсам, унда мен чап томон кўрсатилган йўлга бораман. Биз ўнгга, акамнинг ёнига бормоқчимидик, бироқ биз ўзимизни алдагани қўймаймиз — биз чапга борамиз. Қалъа дарвозалари тақиллаганда, кеч тушиб қолган эди. — Яна кимга ёвузлик олиб келдиларинг? — деган қўпол овоз эшитилди. — Сенинг қиролингга! — деган қаттиқ жавоб келди ва дарвоза очилди. — Сиз бизнинг қиролимизнинг олдига, шекилли? — дудуқланди соқчи. Шу ондаёқ қирол қасрининг ойналарида чироқлар ёнди ва унинг хўжайини ялтироқ тилла рангли кийимда чиқиб, қиролга таъзим қилганча деди: — Хуш келибсиз, ҳазрати олийлари! Бундай кеч вақтда огоҳлантиришсиз сизни бу ерга нима олиб келди? — Мен ўғлимни қидиряпман, — очиқ айтди қирол, — у ёмон ҳолатда қолган, деб ўйлайман ва у қаердадир шу ерда сизларникида. Қирол Мулойимлик кенг курсига ўтириб, қирол Қўполликнинг кўзларига тикилиб қаради. — Бизда? Йўғ-е, ҳазрати олийлари! Менинг қироллигимда нима содир бўлса, ҳаммасини биламан. Ҳолатни назорат қилишга тўғри келади, ўзингиз биласиз, одамлар урушқоқ, қўпол, бизга бошқаларни жўнатмайсиз. Лекин, тўхтанг, бир ҳодисани эсладим. Ярим йил олдин ўзини сизнинг ўғлингиз Ишонувчанлик деб эълон қилган бир ёлғончи ва ўғри гадой пайдо бўлганди. Бундай аҳмоқлиги учун уни қатл қилиш лозим эди, лекин туҳмат ҳужжатига имзо қўйгани учун мен уни ўлдирмадим. Ўз қидирувининг яқинига етиб қолганини ҳис қилган қирол Мулойимликнинг юраги тез ура бошлади, аммо ҳеч нарса демасдан, суҳбат тугаганини билдириб, унга дам олиш хонасини кўрсатишларини буюрди. Эрта тонгда қирол оддий кийим кийиб, шаҳарга чиқди. У чанг йўллардан юрди, бир-бирига ўхшаш юзларни қанчалик қўпол ва қалбсиз эканликларини кузатди. Бу у кўрган шаҳарларнинг энг жирканчлиси эди. Бу ёмонлашиб кетган аҳоли ичидан ўғлини қандай топиш мумкин, агар ўғли ҳали ҳам тирик бўлса, унга отаси шу ердалигини қандай билдириш мумкин? Қирол эрта-ю кеч бу ҳақида ўйлаб, бир айёрона режани ўйлаб топди. Бошланишига қирол Мулойимлик қирол Қўполликка бу ерда ушланиб қолинишини, унинг ҳисобига яшашни хоҳламаслиги сабабли қирол Мулойимлик ўзига тегишли нарсалар ҳамда эсдалик совғалар сотиладиган дўкон очишини ва ундан тушадиган фойдадан қирол Қўполликка солиқ тўлашини айтди. Қирол Қўполлик қирол Мулойимликнинг ташрифидан аллақачон қийнала бошлаган эди. Ахир, бу қандай ҳаёт, энди ёмон сўзлар гапириб бўлмайди, ёмон ҳазиллар айтиб бўлмайди! Шунга қарамай, қирол Қўполлик бундай фойдали таклифни рад қилолмади. Ўша куниёқ шаҳарнинг бир кўчасида тугмалар, ленталар, тўқиш иплари, қирол ва унинг хизматкорлари ўзларининг кийимларидан нима топиб қирқиб олган бўлсалар, ўша нарсалар сотиладиган кичик бир дўкон очилди. У ерда сотиладиган нарсалар жуда жозибали бўлиб, кўпчилик ҳеч бўлмаганда қиролнинг тўғноғичини олишни хоҳлар эдилар, чунки жуда арзон сотилаётганди. Дўкон эшигининг олдида одамлар тўпландилар, лекин ҳеч ким киргани журъат қилолмади. Чунки эшикка: «Ёмон сўз айтилмасин!» деб ёзилганди. Оломон бу ёзув борасида бақир-чақир қилди, кимдир ёмон сўзлар айтганча кетиб қолди. Тезликда бу дўконнинг аҳмоқона қоидаси ҳақидаги янгилик шаҳар бўйлаб тарқалди. Бу овоза ярим йил саргардонликдан сўнг отхонада яшаётган шаҳзоданинг қулоғигача етиб борди. Бу шаҳар бўйича унга сабр қилишган ягона жой шу ер эди. Отларга юмшоқ муносабат ёқар, отни тозалаш учун сўз умуман талаб қилинмасди. У отларнинг еми билан озиқланар, ҳатто у бир кун келиб уйга қайтишини орзу ҳам қилмаган, чунки у рад ҳужжатига ўзи имзо қўйиб берган эди. Дўкон ҳақидаги гап-сўзлар отхонагача етиб борганида, шаҳзода Ишонувчанлик: «Бу менинг отам!» деб тушунди. Бу шаҳарда қирол Мулойимликдан бошқа ҳеч ким бундай ёзишга қодир эмас эди. Бир куни бу ғалати дўконга от ҳиди анқиб турган исқирт камбағал келиб, эшик олдида тўхтади. Юзини тўсиб турган бош кийимини кўтариб, ёзувни ўқиди. Кўзидан ёш чиқиб кетди. Дўкон очилди, у ердан чиққан хизматчи сўради: — Киришни хоҳлайсанми? — Йўғ-е, яхши одам, менда пул йўқ. Рухсатингиз билан, ўқисам. — Сенга ўқишни ким ўргатган? — деб дўкондан чиқди қиролнинг ўзи. Бу суҳбат қизиқувчиларни бефарқ қолдирмади. Дўкон олдига бечоранинг устидан кулиб, ҳақорат қилганча, исёнчилар тўпланишди: — Аҳмоқ барибир аҳмоқ-да! Кириб ўзингга эсдалик совға сотиб ол. Фақат ундан сўнг сени отхонага ҳам қўйишмайди. Очдан ўласан! Одамларга бу ўзига жалб қилувчи дўконнинг остонасига ҳам киролмаганлари алам қиларди, бу ялангоёқ эса унга кирайми ёки йўқми, деб ўйланяпти. Шаҳзода ҳақиқатдан ҳам қийин қарор олдида турарди. У, энг асосийси, ҳозир кириб, ҳеч бўлмаса, отасининг тартиб-қоидаси ўрнатилган ҳудудда охирги марта бўлишни хоҳларди. Ҳа, у нолойиқ ўғил бўлди, отасининг айтганини қилмади, энг муҳим буйруқни бажаролмади, ҳамма нарсадан, ҳатто яхши номдан ҳам маҳрум бўлди. Қирол Мулойимлик уни бу жирканч шаҳарда қолдириб кетиши мумкин, айниқса, шаҳзода ўзининг ҳаёти эвазига имзо қўйган сотқинлигини билса. Лекин энди унинг ҳаёти қандай бўлди? Бундай ҳаётда давом этишдан кўра пок фикр ва сўзларнинг бир лаҳзаси учун ўлиш яхши. Шаҳзода бош кийимини олиб, ишонч билан олдинга юрди. — Ўғлим, — деб қучоғини очди қирол, — мен сени узоқ қидирдим! — Ота, мен энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман, — дея ўкириб йиғлаб юборди шаҳзода ўзини қўлга ололмай. Қирол от ҳиди терисига ўрнашиб қолган шаҳзодани қаттиқ қучоқлаб деди: — Буни ҳал қилишни менга бер. — Бироқ мен бу қилган ишимдан сўнг қандай саройга бораман? — Озод қилинган асирдек, — деди қирол. — Бор, ювин, қорнингни тўйғаз ва кийин, уйга кетишимиз керак. Қирол Мулойимлик йиғиштириш учун кўп вақт кетказмади. У тезда нарсалари ва содиқ хизматкорлари билан шаҳар дарвозаси томон йўл олди. Улар қирол Қўполликнинг қалъаси олдидан ўтишлари керак эди. Қиролнинг араваси қалъа рўпарасига келганда, айвонда қирол Қўпол пайдо бўлиб деди: — Узоққа отландингизми, олий ҳазратлари? – қиролнинг овозида бошқа илтифот кўринмас, у кибр ва бетакаллуфона гапирарди. – Сиз ўзингиз билан бу гадойни олиб кетолмайсиз, чунки у сизнинг ўғлингиз эмас, ҳужжатга имзо қўйганда у ўзини қаллоб, ёлғончи ва ўғри эканлигини тан олган, гўёки сиз унга муҳим топшириқ берган эмишсиз! – шундай деб қирол боши устида бир қоғозни силкитди. Қирол Мулойимлик аввал бундай сурбетликдан ғалати бўлди, лекин тез орада ўзини қўлга олиб, шундай жавоб берди: — Мен сўзларга эътибор бермайдиган одамнинг сўзларига ишонмайман. Сен шаҳзода сенинг шаҳрингда бўлмаганини айтдинг, энди эса сен менга қандайдир ҳужжатни кўрсатяпсан, гўёки менинг ўғлим ўз ихтиёри билан имзо қўйганидек. Сени қандай тушуниш мумкин? Қирол Қўполлик тамомила ўзини ушлаб туролмади: — Сен, ярамас қирол, менга эътироз билдиришга ҳаракат қиляпсанми? Уруш истайсанми? Сен уни оласан. — Бизнинг тинчлик келишувимиз қандай бўлади? – сўради қирол Мулойимлик. – Мен уни бузиш учун имзо қўймаганман. — Умид қилма, бу сафар урушдан осон қутулмайсан. Мен ўз ҳаётинг ва меросхўрингнинг ҳаёти билан таваккал қилмасликка сенинг ақлинг етади, деб ўйлагандим. Аммо сен тентак, ҳамма мулойим оқсуяклар каби ўласан. Биласанми, саводсиз қирол, мен сенга ўлиминг олдидан яна нима дейман? Мен кўпдан бери сенинг шоҳлигини эгаллаб олиш ва ундаги одамларга мамнун бўладиган тартиб ўрнатиш орзусидаман! Сен ўйлайсанки, уларга сени виждонлилигинг ва инсофлилигинг керакми? Бундай эмас! Уларнинг ҳаммаси бақиришни, беодоб гапларни гапиришни, сурбетликни ва ҳақорат қилишни исташади. Фақат сен кўнгилчанлик қиладиган бу одамларнинг ҳаммаси ифлос, ночор, ярамас одамлардир. Мен эса уларга истаган нопокликни бераман. Шу билан улар тўлсин! Қирол Қўполликнинг борган сари ғазаби ошар, қичқирар ва оёқларини урар, тупурар ва устидаги кийимларини йиртарди. Унинг юзи қизарди, кўзлари эса қонга тўлди, у резина коптокка ўхшаб шишди… ва ғазабдан ёрилиб кетди. Исёнчи шаҳарнинг соқчилари ва шаҳар аҳолиси майдонда тўпландилар, нима дейишларини билмай саросимада бир-бирларига кўз ташлардилар. Улар қирол Қўполликнинг ўлимидан сўнг «ярамас одамларни» яксон қилмасмикин деб, яшириб бўлмас қўрқув билан қирол Мулойимлик томон қарардилар. Ахир, қирол Қўполликнинг ҳокимлиги тугади, энди қирол Мулойимлик уларнинг ҳокими. — Ҳақиқатан, уларни энди нима қиламиз? –деб сўради маслаҳатчи ўзининг қиролидан. Қирол Мулойимлик исқирт ва ачинарли одамлар оломонига эътибор билан қараб деди: — Уларни яхшиликка ўргатинг. — Буни амалга ошириш мумкинми? — Одамга имконсиз, Худога эса мумкин. Ишни Буюк Ҳокимдан қалбларини ўзгартиришини сўрашдан бошлашсин. Мен эса ўзим томондан уларга шундай ёрдам бераман, кичик дўкончамни қолдираман. Унинг устидаги «Ёмон сўз айтилмасин!» деган ёзув уларга нимага интилиш кераклигини эслатиб турсин. Ортга қайтиш йўлида қиролни, шаҳзода ва уларнинг мулозимларини йўл бўйидаги меҳмонхонада тунаш кутаётган эди. Ўша ерга яқинлашишганларида, меҳмонхонадан қолган тутаб турган кулларга кўзлари тушди. Чавандозларни кўриб, ўрмондан соқоллари ўсиб кетган бир одам чиқиб келди. — Сен кимсан? – деб сўради соқчилар бошлиғи. — Қачонлардир мен шу меҳмонхонанинг эгаси эдим, ўзгалар мени Касофат, дейишарди. Ўтинаман, мени қиролнинг олдига ўтказиб юборинг! Қирол Мулойимлик меҳмонхонаси ёнган, қирол оёқларига йиқилиб, унинг хатоларини кечирмагунича турмайдиган одам билан суҳбатлашишни лозим топди. Ёвуз қароқчиларга тўлов тўлашни ваъда бериб, қизғанчилиги туфайли бермагани учун қароқчилар меҳмонхонани ёқиб юборганликларини айтиб берди. — Мен сени кечирдим, - деди қирол, — ундан ташқари, агар менга бошқа ёмонлик қилмасликка ваъда берсанг, янги меҳмонхона қуришга сенга пул бераман. — Раҳмат, қирол Мулойимлик. Меҳмонхонани ҳақиқатдан янги қуриш мумкин, аммо мен қаердан янги турмуш ўртоқ ва болаларимни топаман? Ахир, менинг бутун оилам ёнғинда ҳалок бўлди. Йўқ, қирол Мулойимлик, менга исёнчи шаҳарга боришимга рухсат беринг. Мен қирол Қўполлик ғазабдан ёрилиб ўлганини эшитдим ва унинг фуқаролари ўз ихтиёрларига қолдирилган. Ишонинг, энди мен уларга нима дейишни ва қайси йўлга йўналтиришни биламан. Албатта, мендан яхши юриш-туришни ўргатувчи муаллим чиқмайди, аммо сизнинг ўғлингиз билан суҳбатлашгач, оз-мунча нарсаларни ўрганишга муяссар бўлдим. — Бор, менинг дўстим, – деди қирол қувонч билан. – Бор ва бошқа гуноҳ қилма. МУНДАРИЖА Мўъжизавий пойафзал ...........................................................3 Даманлар .............................................................................7 Руҳшунос хонаси ................................................................8 Чумчуқ….............................................................................10 Байрам…..............................................................................12 Зулмат ва нур........................................................................14 Тебранувчи ўйинчоқ ..............................16 Хизмат...................................................................................18 Соябон...................................................................................21 Лайлак....................................................................................22 Электр токи ...........................................................................25 Ортиқча саволлар .................................................................27 Қирол буйруғи ........................................................................29