antique MicrosoftOfficeUser Unknown ru MicrosoftOfficeUser calibre 6.29.0 31.1.2024 c00236c1-4bb5-41d0-9420-1b813a69f179 1.0 Reanimator Extreme Edition

МАКС ЛУКАДО

 

У МИХЛАРНИ ТАНЛАДИ

Худо қалбингни забт этиш учун нима қилди?

 

Гўлгота тепалигида бир муддат тўхта.

Хочнинг ёғочига қўлингни тегиз ва МИХнинг узунлигини

қўлингда ўлчаб кўр.

Арзон шаробнинг ачиган таъмини тотиб кўр ва

қошларингда ТИКАНАКдан

қолган жароҳатни ўзингда ҳис қил.

 

Ифлос йўлларда беланган,

Худонинг қонига ботган духоба либосига қўлингни тегиз.

 

Худо ЮРАГИНГни забт

этиши учун нима қилгани ҳақида

ҚИЙНОҚ асбобларининг айтаётган сўзларига қулоқ тут.

 

 

Сен учун, Исо Масиҳ,

чунки Сен михларни танладинг

 

 

МУНДАРИЖА

 

МУНДАРИЖА……………………………………………………………………

 

МИННАТДОРЧИЛИК…………………………………………………………..

 

БУНИ МЕН УЧУН ҚИЛДИНГМИ?.........................................................

 

“ФЕЪЛ-АТВОРИНГДАГИ САЛБИЙ ЖИҲАТЛАРНИ МЕН ЎЗИМГА ОЛАМАН”

Аскарнинг туфлашидаги Худонинг ваъдаси…………………………

 

“МЕН СЕНИ ШУНЧАЛИК СЕВДИМКИ, СИЗЛАРНИНГ ҚИЁФАНГИЗГА КИРДИМ”

Тиканли тождаги Худонинг ваъдаси………………………………..

 

“МЕН СЕНИ КЕЧИРАМАН”

Михлардаги Худонинг ваъдаси……………………………………..

 

“МЕН СЕН БИЛАН ЎЗ ТИЛИНГДА ГАПЛАШАМАН”

Худонинг ёзувлардаги ваъдаси……………………………………..

 

“МЕН ТАНЛАШИНГГА РУХСАТ БЕРАМАН”

Иккала хочдаги Худонинг ваъдаси………………………………..

 

“МЕН СЕНИ ТАРК ЭТМАЙМАН”

Хоч йўлидаги Худонинг ваъдаси………………………………….

 

“МЕН СЕНГА ЎЗ ЛИБОСИМНИ БЕРАМАН”

Худонинг либослардаги ваъдаси………………………………….

 

“МЕН СЕНИ ЎЗ ҲУЗУРИМГА ТАКЛИФ ҚИЛАМАН”

Худонинг азоб-уқубатлардаги ваъдаси…………………………..

 

“МЕН СЕНИНГ АЗОБИНГНИ ТУШУНАМАН”

Худонинг шимгичга ботирилган сиркадаги ваъдаси…………..

 

“МЕН СЕНИ ОЗОД ҚИЛДИМ ВА СЕНИ ҲИМОЯ ҚИЛАМАН”

Қон ва сувдаги Худонинг ваъдаси…………………………………

 

“МЕН СЕНИ ТО АБАД СЕВАМАН”

Худонинг хочдаги ваъдаси…………………………………………

 

“МЕН СЕНИНГ ФОЖЕАНГНИ ҒАЛАБАГА АЙЛАНТИРАМАН”

Дафн қилишда Худонинг берган ваъдаси…………………………

 

“МЕН ҒАЛАБА ҚИЛДИМ”

Бўш қабрдаги Худонинг ваъдаси………………………………….

 

“СЕН ХОЧДА НИМА ҚОЛДИРАСАН?”

 

 

МИННАТДОРЧИЛИК

 

Мен қарсак чалиб олқишлаяпман. Бироқ китобларда овоз карнайлари йўқлиги сабабли сизлар мени эшита олмайсизлар. Лекин ишонинг, қуйидаги инсонларни бор кучим ҳамда давомли қарсакларим билан олқишламоқдаман:

 

Муҳаррирларим Лиз Хинни ва Карен Хиллни. Сизлар мени тўғри фикрлашга ундашни ҳар доим яхши уддалагансизлар. Бироқ бу сафар биттангиз ортимда туриб мени олдинга ундаган бўлсангиз, иккинчингиз олдимда туриб, мени тортдингиз. Эсини еган бу қария қаттиқ қайсарлик қилиши мумкин эди. Бу лойиҳани аъло даражада бажаришда берган кўмагингиз учун миннатдорман.

Даллас Диний Семинария профессори доктор Рой Закни. Мени тушунганингизни жуда қадрлайман.

Стив Холлидейни. Яна бир китоб, яна битта ажойиб қўлланма яратилишида берган ёрдамингиз учун раҳмат.

Керол Бартли ҳамда Лора Кендаллни. Қўлёзма бўйича батартиблигингиз учун сиздан миннатдорман.

«Уорд Паблишинг» нашриётини. Сизнинг жамоангиз аъзоси бўлишни фахр деб ҳисоблайман.

«Оак-Хиллс» Масиҳ жамоати ҳамда унинг хизматчиларини. Мен якшанба кунларимни ўтказишни истайдиган бундан бошқа жой йўқ.

Стив ҳамда Шерил Гринни. Луғат дўст сўзини аниқ белгилайди, лекин сиз уни амалда ифодалайсиз. Қилаётган ишларингиз учун сиздан миннатдорман.

Бир неча йиллар олдин иш столим устида ўз хочини қолдирган рус миллатига мансуб масиҳий биродарни. У қолдирган бир парча қоғозда ёзилишича, ўзи яқиндагина қабул қилган Исога бўлган имони уни ташландиқ православ черковининг тахталаридаги михларни суғуриб олишга ундаган экан. У мана шу михлардан хоч шаклини ясаган эди. У тиканли симлардан тож ясаб, хочга маҳкамлаган. Бу ғаройиб буюм хонамдаги деворга осилган, унинг суратини шу китобнинг муқовасида ҳам кўришингиз мумкин. Ўзим исмини ҳам билмайдиган мана шу инсонга миннатдорчилик билдираман, лекин мен унинг қалбини биламан.

Қизларим Женна, Андрея ва Сарани. Бу китобни ёзаётганимда сизлар менга икки ҳисса сабрли бўлдинглар. Раҳмат сизларга! Бугун уйга эртароқ қайтаман.

Турмуш ўртоғим Деналинни. Менинг сенга бўлган муҳаббатим Худонинг сенга бўлган муҳаббати сўнгунича давом этади.

Бу китобни ўқиётган сизларни. Агар муаллифнинг заҳматлари ҳақиқий Муаллиф ҳақидаги ҳақиқатни очиб бера олса, демак ҳамкорликдаги ҳаракатимиз бесамар кетмайди.

Ва албатта Сени, Исо Масиҳ, барчамиз бор кучимиз билан тўхтамасдан қарсак чалиб, олқишлаймиз. Бу воқеани ёзиш ва ўқиш бошқа, уни бошидан ўтказиш бошқа. Ва Сен буни Ўз бошингдан ўтказдинг.

 

Қадим-қадимда, дунё яратилмасдан олдин Худо бизни севган ва Унинг кўз ўнгида Масиҳ орқали муқаддас ва солиҳ бўлишимиз учун танлаб олган.

Бизни Ўз оиласига қабул қилиш, Исо Масиҳ орқали бизни Ўзига яқинлаштириш Унинг ўзгармас режаси бўлган.

Ва бу Унга улкан ҳузур бағишлаган.

Мана шу сабабдан, Унинг суюкли Ўғлига тегишли бўлганимиз туфайли устимизга ёғдирган ажойиб меҳр-шафқати учун Худога ҳамду-санолар айтамиз.

У меҳр-шафқатга шунчалик бойки, Ўз Ўғлининг қони эвазига озодлигимизни сотиб олди ва гуноҳларимиз кечирилди…

Худонинг сирли режаси энди бизга маълум қилинди: бу режа Масиҳга қаратилган ва Унинг иродасига кўра аллақчон тузилган эди.

Бу режанинг мақсади қуйидагича: белгиланган вақт келганда У барчани самодаги ва ердаги мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштиради.

Бундан ташқари, Масиҳ туфайли биз Худодан мерос олдик, чунки У бизни азалдан танлаб олган ва барчаси У аввалдан ўйлаб қўйганидек содир бўлмоқда.

 

Мана, Эфесликларга Мактуб бизга нималарни ўргатади (1:4-7, 9-11 га қаранг)

 

 

БУНИ МЕН УЧУН ҚИЛДИНГМИ?

 

Худонинг инъоми - Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.

Римликлар 6:23

 

Таърифга тил ожиз бўлган ажойиб ҳадяси учун Худога шукр!

2 Коринфликлар 9:15

 

Шу боис биз Худо Ўз халқига атаган қут-баракага кўз тикканмиз. Ҳа, самода сақланаётган бу абадий, сўлмас, беғубор барака сизларни кутмоқда. Охирзамонда ошкора бўладиган нажотдан баҳраманд бўлишингиз учун, Худо Ўз қудрати билан сизларни омон сақлайди.

1 Бутрус 1:4-5

 

Ҳар бир яхши ва мукаммал ҳадя самодан келади. Бу ҳадяларни осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо беради. Ёритқичларнинг нури пайдо бўлиб, ғойиб бўлади, Худонинг эзгулиги эса йўқолмайди. Зеро, Худо ҳеч қачон ўзгармайди. Худо келажакда бутун борлиқни янгилайди. Биз бу янгиланишнинг илк ҳосили бўлишимиз учун, Худо Ўз хоҳишига кўра бизга ҳақиқат каломи орқали янги ҳаёт берди.

Ёқуб 1:17-18

 

Бу одам ачиниш ҳиссини уйғотади. Уни кўрганингизда, кулманг. Масхара қилманг. Юзингизни ўгирманг ва бошингизни чайқаманг. Шунчаки, эҳтиёткорлик билан уни яқин атрофдаги ўриндиққа кузатиб қўйинг ва ўтиришига ёрдам беринг.

Бу инсонга раҳмингиз келсин. У жуда содда ва қўрқоқ. У Манхеттен кўчаларида юрган кийикка, шаҳарда гўё чангалзорлар орасида кезувчи Тарзанга ўхшайди. У соҳилга чиқиб қолган, бу ерга қандай келиб қолганини ва қандай қутулиб кетишни англашга уринаётган кит кабидир.

Бу бахтиқаро мавжудот ким? Юзи мурданикидек оқариб кетган, ҳеч кими йўқ бу жонзот ким? У – илтимос, ҳурмат юзасидан бош кийимингизни ечинг – дўконнинг аёллар бўлимида адашиб қолган киши. У совға излаяпти.

Бундай ҳолатлар Мавлуд байрами арафасида, туғилган кун ёки тўй юбилейлари арафасида содир бўлади. Сабаби қандай бўлмасин, у одам яширинган жойидан чиқди. У спорт анжомлари бўлими, озиқ-овқат бўлими ҳамда маиший техника бўлимларидан ўтиб, ўзига номаълум бўлган аёллар либослари дунёсига киришга жазм қилди. Уни таниб олиш осон. У пештахталар олдида ҳаракатсиз турарди. Агар терлаб ҳўл бўлиб кетган кўйлаги бўлмаганида, уни манекен, деб ўйлаш мумкин.

Лекин у манекен эмас. У аёллар оламида юрган эркак киши, у ҳеч қачон аёллар ички кийимларини бунчалик кўп кўрмаган. Одатда, у харид қиладиган «Волмарт» дўконида барча маҳсулотлар қадоқланган бўлиб, битта растада турарди. Лекин у бу ерда тўрли матолар исканжасига тушиб қолди. Отаси уни бундай жойлар ҳақида огоҳлантирган эди.

У олдинга қараб юрди, лекин қаерга боришни билмасди. Кўриб турганингиздек, ҳамма эркаклар ҳам худди менга ўхшаб бу каби ҳолатларга тайёр эмас. Менинг отам аёллар учун ҳадя сотиб олишдаги машаққатларни кўриб, авлоддан авлодга ўтиши керак бўлган кўникмаларни – бўйинбоғ боғлаш кўникмаси, қушлар ва ҳашоратларнинг кўпайиш тафсилотларини болаларга ўргатиш кераклигини билган. Отам акам иккаламизга дўконда ўзимизни қандай тутишимиз кераклигини ўргатган. Ўзинг билмаган мамлакатда бемалол юришинг учун уларнинг тилини билишинг керак. Отам менга аёллар либослари бўлимида сўзлашиладиган тилни ўргатган эди.

«Вақти келиб, сотувчининг ўзи сизга ёрдам таклиф қилади, - деди у тантанали оҳангда. Ўшанда чуқур нафас олиб, «Эсте Лаудер» деб айтинг. Ҳар гал ҳадя қилишга тўғри келганида, ойим учта эркакдан ҳадялар оларди. Уларнинг ҳаммаси Эсте Лаудер маҳсулоти бўларди.

Аёллар либослари бўлимига киришга бўлган қўрқувим ўтиб кетган эди. Лекин кейинроқ Деналинни учратдим, унга Эсте Лаудер ёқмасди. Унга шу фирманинг атирини сепганида, ундан онамнинг иси келишини айтган бўлишимга қарамай, у ўз қарорини ўзгартирмади. Ўшандан бери боши берк кўчага кириб қолгандайман.

Бу йил унинг туғилган кунига кўйлак сотиб олишга қарор қилдим. Сотувчи мендан Деналиннинг ўлчамини сўраганида, буни билмаслигимни айтдим. Чиндан ҳам билмасдим. Уни қучганимда унинг қўллари белимга бемалол етишини биламан. Лекин кўйлакнинг ўлчаминичи? Ҳеч қачон сўрамаганман. Эркак киши ҳеч қачон сўрамайдиган саволлар ҳам бор.

Сотувчи аёл менга ёрдам беришга ҳаракат қилди. «Мен билан таққослаганда унинг кўриниши қандай?» Мени аёл киши билан мулойим бўлишга ўргатишган, бироқ бу саволга ҳам жавоб бериб, ҳам мулойим бўлишимнинг иложи йўқ эди. Жавоб битта эди: «У анча озғинроқ».

Мен нима деб жавоб беришни билмасдан ерга қараб туравердим. Ниҳоят, ёзувчилигим қўл келди. Албатта, мос келадиган сўзни топа оламан.

Сотувчига: «Унинг жуссаси сизникидан кичикроқ», - дейишни ўйладим. Ёки бўлмаса: «Сиз унга қараганда ёши улуғроқ аёлга ўхшайсиз», - демоқчи бўлдим.

Балким, «Эшитишимча, сизларнинг дўконларингизда ишчиларни қисқартириш бўлаётган экан», деб шаъма қилишнинг ўзи тушунарли бўлар.

Ниҳоят, бир ютиниб олиб, ўзим билган ягона сўз, «Эсте Лаудер» дедим.

Сотувчи аёл мени атир-упалар сотиладиган бўлимга бошлади, лекин мен у жойга борадиган даражада аҳмоқ эмасман. Шунда ҳамён сотиб олсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Бу анча осонроқ, деб ўйлаган эдим. Пластик карточка ҳам, пуллар ҳам солинадиган буюмни танлашнинг нимаси қийин? Мен саккиз йилдан бери ҳамёнимни белимга бойлаб юраман. Ҳамён сотиб олишнинг нимаси қийин?

Қанчалар гўлман! Эркаклар бўлимидаги сотувчига ҳамён олмоқчи эканингизни айтсангиз, у сизни касса ёнидаги унчалик катта бўлмаган пештахта олдига олиб боради. Сиз эса икки хил рангдан бирини – қора ёки жигаррангини танлашингиз лозим бўлади. Аёллар бўлимидаги сотувчига ҳамён олмоқчи эканингизни айтсангиз, у сизни залга бошлаб боради. Бу залда токчалар ўрнатилган. Токчалар эса ҳамёнлар билан тўла. Ҳамёнларга эса нархлар ёпиштирилган. Ўзи кичкина, лекин нархи осмон…

Бу ҳақда ўйлаб турганимда, сотувчи аёл менга бир нечта саволлар берди. Унинг саволларига менда жавоб йўқ эди. «Аёлингиз қанақа ҳамённи хоҳлайди?» Маъносиз тикилиб туришим ҳеч нимани билмаслигимни англатиб турарди. Шунинг учун у ҳар турли сумкаларни таклиф қила бошлади: «Аёллар сумкасими? Елкага илиб юрадиган сумкача керак эмасми? Ридикюль (қўлда ушлаб юрадиган сумкача) излаётгандирсиз? Рюкзакми? Тўрва халтани олиб кўрсатайми? Балки майда пуллар солинадиган ҳамён сизга маъқул келар?»

Мен бу таклиф қилинган танловлардан ўзимни шунчалик йўқотиб қўйдимки, ҳушимдан кетиб йиқилмаслик учун бошимни чангаллаб ўтириб олдим. Сотувчи аёл эса тўхтамасди. Энгашиб олганча, гапиришда давом этарди: «Пул соладиган халтами? Балки хўжалик учун каттароқ сумкани оларсиз? Ҳамён керак эмасми? Китоб соладиган сумкани олиб кўрсатайми?»

«Китоб соладиган сумкани?» Таниш сўзни эшитиб, ўзимга келдим. Қаддимни тутиб, фахр билан: «Китоб соладиган сумка», дедим.

Лекин афтидан жавобим унга ёқмади. Мен тушунмайдиган тилда менга қўпол гапира бошлади. Сотувчи аёлнинг тарбиясизлиги ҳақида айтаётганим учун мени маъзур тутасиз, бироқ у жуда қўпол эди. У менга айтганларини умуман тушунмадим, аммо «Шаббода қушчаси» деб атагани ва қандайдир Кейт исмли одамнинг белкураги билан «даф қилишини» айтиб, таҳдид қилганини биламан. У «пулларимиз»ни олиш учун қўлини узатганида, шимимнинг орқа чўнтагида турган ҳамёнимга қўлимни қўйиб, «Йўқ, бу менинг пулларим», - дедим. Шунинг ўзи етарли эди. У ердан ўқдай отилиб чиқдим. Лекин залдан қочиб чиқаётиб, унга ҳам худди шундай жавоб қайтардим. «Эсте Лаудер», - деб баланд овозда қичқирдим ва жон-жаҳдим билан югурдим.

Севган инсонимизга ҳадя бериш учун нималар қилмаймиз-а!

Бироқ эътироз билдирмаймиз, шундай эмасми? Буни такрор ва такрор қилган бўлардик. Аслидаям шундай қиламиз. Ҳар Мавлуд байрамида, ҳар туғилган кунда вақти-вақти билан бегона ҳудудларга тушиб қоламиз. Ёши катта инсонлар ўйинчоқ дўконларига, оталар ўсмирларга мўлжалланган дўконларга, аёллар овчилик жиҳозлари сотиладиган дўконларга, эркаклар эса аёллар сумкалари сотиладиган дўконларга киришади.

Биз нафақат ўзимиз учун ноодатий жойларга борамиз, балки ноодатий ишларни ҳам қиламиз. Тунлари велосипед тузатамиз. Машинамиз учун олган янги шиналарни зина орқасига яширамиз. Бир дўстим тўй суратларини рафиқаси билан томоша қилиш учун юбилей куни кинотеатрни ижарага олганини эшитдим.

Биз буни такрор ва такрор қилишга тайёрмиз. Хизмат узумини сиқиб, ҳаётдаги энг тотли шаробни – ҳадя қилиш шаробини ичамиз. Биз нимадир берганимизда, кўнглимиз кўтарилади. Чиндан ҳам, кимгадир бирон нима берганимизда, Худога кўпроқ ўхшаймиз.

Бирон марта ўйлаб кўрганмисиз, нима учун Худо бунчалик кўп беряпти? Биз ўзимизда бор бўлганларсиз ҳам яшашимиз мумкин эди. У бу оламни зерикарли ҳолда қолдириши мумкин эди; унда биз ҳеч қандай фарқни кўрмасдик. Бироқ У бундай қилмади.

У субҳни тўқ сариққа бўяди

Осмонни кўм-кўк қилди.

Ғозларнинг учиб кетиши сизга ёқса,

Демак, албатта буни кўрасиз.

У олмахоннинг думини момиқ қилиши шартмиди,

Қушларга сайрашни ўргатишга мажбурмиди?

Ёки жўжанинг кулгили юришини, чақмоқ чаққанида

Момоқалдироқни кучайтириши шартмиди?

Гулларга ҳушбўй ифор нечун керак?

Таомга маза нимага керак?

Эҳтимол, Унга шунчаки ёқар

Юзингда табассумни кўриш?

Агар биз ўз муҳаббатимизни ҳадялар бериш орқали ифода этсак, Худо буни қилишга қанчалар тайёр? Агар биз инсоний камчиликларимиз билан ва хасис бўла туриб, ҳадялар беришни ёқтирсак, мукаммал ва муқаддас Худо ҳадя беришни қанчалик кўпроқ ёқтиради? Исо шундай деган: “Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Отангиз ҳам Ундан сўраганларга аъло неъматлар беришга қанчалик тайёр!” (Матто 7:11).

Худонинг ҳадялари камтар, солиҳ ва сахий қалбларга ёғилади. Исонинг укаси Ёқуб шундай деган: “Ҳар бир яхши ва мукаммал ҳадя самодан келади. Бу ҳадяларни осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо беради” (Ёқуб 1:17). Ҳар бир ҳадя Худонинг севгисини ифодалайди, бироқ ҳеч бир ҳадя Худонинг севгисини хочнинг инъомларидан яхшироқ ифодалай олмайди. Бу ҳадялар бизга чиройли ўралган қутиларда эмас, азоб-уқубатда келди. Улар арча остига эмас, хоч остига қўйилди. Улар чиройли тасмалар билан боғланмаган, балки қонга ботган эди.

Хочнинг инъомлари.

Хочнинг инъомлари ҳақида кўп гапирилган, лекин бошқа инъомлар ҳақида-чи? Михнинг, тиконли тожнинг инъомлари ҳақида-чи? Аскарлар ўзаро бўлишиб олган либослар ҳақида-чи? Кафан ҳақида-чи? Бу инъомлар ҳақида ўрганиш учун вақт ажратганмисиз?

Биласизми, У бу инъомларни беришга мажбур эмасди. Биз нажот топишимиз учун биргина амал, талаб қилинган атиги битта амал – қон тўкилиши керак эди, У бўлса бундан ҳам кўпроғини бажарди. Анча кўпроғини. Сиз Исони хочга михлаш саҳнасида нималарни кўрасиз?

Сиркага ботирилган шимгич.

Тахтача.

Масиҳнинг икки ёнида иккита хоч.

Бу лаҳзаларни ёдга солиш учун берилган илоҳий инъомлар туфайли юзингиздан нур ёғилиб, кўзларингиз каттароқ очилади ва “Буни мен учун қилдингми?”, - деб пичирлаганингизни Худо эшитади.

Мулойим юзингни тирнаган

азоб-уқубат тожи,

танангни тешиб ўтган учта мих,

ва Сен осилган ёғоч.

Қон зарур бўлганини тушунаман.

Қурбонлигингни қабул қиламан.

Бироқ найзага илинган нордон шимгични,

Сенинг юзингга туфлаганларини?

Хоч нимага керак эди?

Енгилроқ ўлим йўқмиди,

Ўлим ва ҳаёт ўртасида олти соат қийналиш шартмиди,

Буларнинг барчаси хоинона бўса туфайлими?

“Эй, Ота, - деб сўрайсиз,

бўлаётган воқеадан юрагингиз музлайди.

Сўраганим учун кечир, лекин билмоқчиман:

Буни мен учун қилдингми?”

Биз мана шундай ибодат қила оламизми? Шундай ўйлаш қўлимиздан келадими? Гўлгота тепалиги Худонинг инъомларига тўла бўлиши мумкин эдими? Келинглар, шуларни кўриб чиқамиз. Аввал ҳам буни қилганмиз, деб ўйласак ҳам келинглар, ҳозир мана шу иноятли инъомларни яна кўриб чиқамиз, чунки аслида бу биринчи маротаба бўлади. Хочга қўлингизни теккизиб, унинг ёғочини ҳис қилганингизда тиконли тождан қолган изни кўрасиз, михнинг ўткир учига бармоғингизни теккизинг ва бир зум тўхтаб, қулоқ солинг. Эҳтимол, Унинг шундай шивирлаётганини эшитарсиз:

“Мен буни сен учун қилдим”.

 

ФЕЪЛ-АТВОРИНГДАГИ САЛБИЙ ЖИҲАТЛАРНИ МЕН ЎЗИМГА ОЛАМАН

Аскарнинг туфлашидаги Худонинг ваъдаси

 

Фосиқларнинг гуноҳкорлиги ҳақида юрагимда бир башорат бор: Гуноҳкор Худодан қўрқмайди.

Забур 35:2

 

Ёмонлик инсон қалбига шунчалик чуқур ўрнашиб олганки, унга қарши ёзган киши бу ҳақда ёзгани учун шон-шуҳратга эришишни истайди, уни ўқиган эса, буни ўқигани учун шуҳрат қозонишни хоҳлайди.

Блез Паскаль

 

Одамнинг юраги шунчалик айёр-ки, унинг давоси йўқ! Унинг ичидагини ким билади?!

Еремиё 17:8

 

Гуноҳга масиҳийлик назари билан қаралса, у бутун борлиқни ютиб юборадиган ёриқ кабидир.

Эмиль Брюннер

 

Агар Соҳибжамол пайдо бўлмаганида, Махлуқнинг ҳоли нима кечарди?

Сиз бу ҳикояни биласиз. Ўз вақтида унинг қиёфаси чиройли, саройи ҳам ҳашаматли бўлган. Лекин буларнинг бари қарғиш теккунича, қасрни ҳам, шаҳзоданинг юрагини ҳам зулмат қоплаб олгунича бўлган даврлар эди. Зулмат қоплаб олганидан кейин шаҳзода ўзининг қўрқинчли қиёфасини ҳамда баданидаги тангаларни яшириш учун қасрга яшириниб олганди.

Лекин қиз қасрга келганида ҳаммаси ўзгариб кетди. Қизиқ, агар Соҳибжамол пайдо бўлмаганида, Махлуқнинг ҳоли нима кечарди?

Агар қиз унга бефарқ бўлганида, нима бўларди? Бу масалада қизни ким айбларди? Ахир, шаҳзода қўрқинчли эди-ку. Жундор. Оғзидан сўлаклари оққан. Ўкирадиган. Тажовузкор. Қиз эса жуда гўзал. Ҳайратланарли даражада ажойиб. Ўта меҳрибон. Агар ер юзида исми жисмига монанд иккита жонзот бўлганида, у ҳолда улар Соҳибжамол ва Махлуқ деб аталмасмиди? Ким қизни бефарқликда айблай оларди? Бироқ қиз бефарқ бўлмади.

Соҳибжамол уни севгани учун Махлуқ яна ўз ҳолига қайтди.

Бу ҳикояни шунчаки эртак бўлгани учунгина эмас, балки ўзимизни эсга солгани учун ҳам яхши биламиз. Бизларнинг ҳар биримизнинг ичимизда мана шундай махлуқ яшайди.

Доимо шундай бўлган эмас. Қачонлардир инсониятнинг юз қиёфаси чиройли, қаср эса ҳашаматли бўлган. Лекин бу лаънат пайдо бўлгунича, яъни Одам Атонинг қалбини ҳамда боғни зулмат қоплаб олгунича шундай бўлган. Лаънат пайдо бўлганидан кейин биз ўзгариб қолганмиз, махлуққа айланганмиз, бадбашара, қўпол, ёвуз бўлиб қолганмиз. Қилишимиз лозим бўлмаган ишларни қиламиз ва буларни нима учун қилаётганимиздан ажабланамиз.

Бир куни кечқурун ичимдаги махлуқ ўз қиёфасини кўрсатди. Мен икки қаторли йўлда машина ҳайдаб кетаётган эдим. Бу иккаласи охири бориб бир бир қаторли йўлга бирлашиб кетарди. Ёнимдаги қаторда бир аёл машина ҳайдаб келарди. Мен аёлдан олдинга ўтиб олишим лозим эди. Чунки менинг жадвалим уникидан муҳимроқ эди. Ахир мен жамоат хизматчиси эмасманми? Мен раҳм-шафқат элчиси эмасманми? Тинчлик элчиси эмасманми?

Шунинг учун тезликни ошириш учун газни босдим.

Биласизми, нима бўлди? У ҳам газни босди. Мен кетаётган қатор тугаганида унинг машинаси меникидан салгина олдинроқда эди. Асабим бузилиб, машинани секинлаштирдим ва уни ўтказиб юбордим. У жилмайганича қўлини силкитиб кетди. Мен машинанинг чироғини ёқдим. Кейин ичимдаги махлуқ “шошмай тур” деди. Ахир мен зулматда нур бўлишга, зулматни ҳайдашга даъват қилинмаганманми?

Шунинг учун унинг ортидан узоқни ёритувчи чироқни ёқдим.

У эса мендан қасос олиш учун тормозни босди. Ва яна тезда юриб кетди. Жуда ярамас аёл экан. Агар бутун Сан-Антонио шаҳри аҳолиси бирон жойга кечикса ҳам унга фарқи йўқ эди. Аёл машинасини соатига йигирма беш километрдан ортиқ тезликда ҳайдамасди. Мен эса унинг ортидан ёқилган узоқни ёритувчи чироқни ўчирмасдим. Иккита қайсар эшакка ўхшаб, бир-биримизга ён беришни истамасдик. У секин юрарди, мен эса чироқни ўчирмасдим. Мен тан олишни истамаган яна бир қанча ёмон фикрлардан кейин йўл яна кенгайди ва мен уни қувиб ўта бошладим. Шунда нима бўлди, деб ўйлайсизлар? Светофорнинг қизил чироғи чорраҳада иккаламизни ёнма-ён тўхташга мажбур қилди. Кейин содир бўлган ҳолатда ҳам яхши, ҳам ёмон хабар бор эди. Яхши хабар шу эдики, у менга қўлини силкитиб қўйди. Ёмони эса – мен бундай қилмадим.

Бир неча дақиқадан кейин қилган ишимдан уялиб кетдим. “Нима учун бундай қилдим?” Одатда, мен оғир-босиқ ва мулойим инсонман, лекин ўша ўн беш дақиқа мен махлуққа айланган эдим! Икки нарса мени овутарди: биринчиси, машинамга масиҳий эканлигимни англатувчи белги ёпиштирилмагани бўлса, иккинчиси, ҳаворий Павлус ҳам шундай ҳолга тушган: “Хоҳлаганларимни қилмайман, аксинча нимани ёмон кўрсам, шуни қиламан” (Рим 7:15). Сизда ҳам шунга ўхшаш гапларни айтиш истаги бўлганми?

Жавобингиз ҳа бўлса, унда сиз яхши жамиятдасиз. Муқаддас Каломда ёзилган инсонлар ичида Павлус ичидаги махлуқ билан курашган ягона инсон бўлмаган. Каломдан махлуқ ўз қиёфасини кўрсатмаган саҳифани топиш мушкул. Шоҳ Шоул қўлига найза олиб, ёш Довудни таъқиб қилган. Шакам Динанинг номусига теккан. Динанинг ака-укалари (Ёқубнинг ўғиллари) Шакамни ва унинг дўстларини ўлдиришди. Лут яшаш учун Садўмга бориб, кейин у ердан қочиб кетган. Ҳирод Байтлаҳмда чақалоқларни ўлдирган. Бошқа Ҳирод Исонинг амакиваччасини қатл қилган. Агар Муқаддас Калом Яхшилик Китоби деб аталган бўлса, унда исмлари тилга олинган инсонлар туфайли эмас. Бу ҳикояларда қон худди китоб саҳифаларига томаётган сиёҳдек шиддат билан оқмоқда. Лекин махлуқнинг ёвузлиги ҳеч қачон Масиҳ қатл қилинган кундагидек шафқатсиз бўлмаган.

Аввалига шогирдлар тезда ухлаб қолишди, кейин тезда уйғонишди.

Ҳиродга томошабинлар керак эди.

Пилат буларнинг ҳеч бирида иштирок этишни истамади.

Жангчилар-чи? Улар қонга ташна эдилар.

Шунинг учун улар Исони қамчи билан савалашди. Жангчиларнинг қамчиси теридан ясалган бўлиб, учига қўрғошиндан қуйилган зўлдир боғланган. Унинг вазифаси битта: айбланувчини ўлгунча савалаб, кейин тўхтарди. Ўттиз тўққиз маротаба уришга рухсат берилганди, бироқ буниси камдан-кам ҳолларда рўй берарди. Олий Кенгаш айбланувчининг ҳолатини кузатиб турган. Исонинг қўлларини ечишганда, У ерга йиқилди, шубҳа йўқки, Унинг ўлими яқин эди.

Қамчилаш – аскарларнинг биринчи иши эди.

Хочга михлаш эса учинчи жазо эди. (Йўқ, мен иккинчисини унутганим йўқ. Ҳозир у ҳақда гаплашамиз.) Қамчи зарбидан Унинг елкалари ёрилиб кетган бўлса ҳам аскарлар хочни Унинг елкасига ортиб, олиб кетишди ва қатл қилишди.

Бу иши учун аскарларни айбламаймиз. Нима бўлганда ҳам улар буйруқни бажаришган. Лекин бу икки амал ўртасида уларнинг қилганларини тушуниш қийин. Матто буни шундай таърифлайди:

Ҳокимнинг аскарлари Исони ҳукумат саройига олиб бориб, бутун бўлинмани Унинг олдида тўплашди. Улар Исонинг кийимларини ечиб олиб, Унинг эгнига қизил тўн кийдирдилар. Тиканлардан тож ўриб, бошига кийгиздилар. Ўнг қўлига қамиш тутқизиб, Унинг олдида тиз чўкканча: “Яшавор, эй Яҳудийларнинг Шоҳи!” – деб масхара қилдилар. Сўнг Унга тупуриб, қамиш билан қайта-қайта бошига урдилар. Уни шундай масхара қилганларидан кейин, устидаги тўнни ечиб олиб, Ўзининг кийимларини кийдиришди. Сўнг Уни хочга михлаш учун олиб кетишди (Матто 27:26-31).

Аскарларнинг вазифаси оддий эди: Носираликни тепаликка олиб бориб, қатл қилиш. Бироқ уларнинг ҳам ўз фикрлари бор эди. Аввалига улар кўнгилхушлик қилмоқчи бўлишди. Кучли, яхши дам олган, қуролланган аскарлар ўласи қилиб калтакланган Жалилалик дурадгорни ўраб олишди ва Уни уришди. Қамчилаш – буйруқ эди, хочга михлаш эса фармон. Лекин ўлар ҳолда турган инсонни юзига туфлашдан ким ҳузур кўради?

Туфлаш – жисмоний азоб бериш учун қилинмаган, жисмоний азоб беролмас эди. Фақат таҳқирлаш учун туфланади ва шундай бўлди. Аскарлар нима қилишди? Улар бошқаларнинг ҳисобидан ўзларини кўрсатишмадими? Масиҳни таҳқирлаб, улар ўзларини муҳим одамдек ҳис қилишди.

Сиз ҳам шундай қилганмисиз? Эҳтимол, ҳеч кимнинг юзига туфламагандирсиз, лекин ғийбат қилганмисиз? Туҳмат қилганмисиз? Жаҳл устида кимгадир қўл кўтарганмисиз ёки паст назар билан қараганмисиз? Қайсидир машинанинг ортидан узоқни ёритувчи чироқни ёқиб юрганмисиз? Ўзингизни яхши ҳис қилишингиз учун кимгадир ёмонлик қилганмисиз?

Исо билан ҳам аскарлар айнан шундай қилдилар. Биз ҳам шундай ишлар қилганимизда, Исога қилган бўламиз. “Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримга қилган ҳар қандай яхшилигингизни Менга қилган бўласиз” (Матто 25:40). Бошқаларга қилган муомаламиз – Масиҳга қилган муомаламиз бўлади.

“Эй, Макс, мен буни ўқишни истамайман”, - деб эътироз билдирасиз. Ишонинг, буни ёзиш менга ҳам ёқмайди. Лекин ҳар биримизнинг ичимизда ҳатто ўзимизни ҳам ҳайратга соладиган ишларни қилишга мажбур қиладиган ёмон ҳислат борлиги ҳақидаги ҳақиқатни тан олишимиз керак. Сиз ҳеч қачон ўзингиздан ҳайратга тушмаганмисиз? Қилган ишларингиз ҳақида мулоҳаза қилиб кўриб, “Менга нима бўлди?” – деб ўйламаганмисиз?

Муқаддас Каломда бунга жавоб бўлиб, у беш ҳарфдан иборат: ГУНОҲ.

Ҳар биримизнинг ичимизда қандайдир ёмон ҳислат, ёмон табиат мавжуд. Биз “табиатан қаҳр-ғазабга лойиқ инсонлармиз” (Эфес. 2:3). Гап бизнинг яхшилик қила олмаганимизда эмас. Биз яхшилик қила оламиз. Шунчаки, ёмонлик қилишдан ўзимизни тия олмаймиз. Илоҳий нуқтаи назар билан қараганда биз “бутунлай гуноҳкормиз”. Худонинг суратида яратилган бўлсак ҳам биз қоқилдик. Бутунлай бузилдик. Бутун борлиғимиз худбинлик ва бузуқликдан иборат. Довуд шундай деган: “Мана, гуноҳкор бўлиб туғилганман, онам қорнидаёқ гуноҳкор эдим” (Забур 50:7). Сизлардан кимдир ўзи ҳақида бошқа бирон нима айта оладими? Бизларнинг ҳар биримиз гуноҳга мойил бўлиб туғилганмиз. Гуноҳкорлик – бутун оламнинг мусибати. Бу ҳақда Каломда аниқ қилиб ёзилган:

Ҳаммамиз қўйлардек йўлдан адашдик, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик (Ишаё 53:6)

Одамнинг юраги шунчалик айёр-ки, унинг давоси йўқ! Унинг ичидагини ким билади?! (Еремиё 17:9).

Солиҳ ҳеч бир кимса йўқдир, ҳатто биронта ҳам йўқ… Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир (Римликлар 3:10, 23).

 

Баъзи инсонлар бу аччиқ сўзларни қабул қилмайдилар. Улар атрофга назар солиб, “Бошқалар билан таққослаганда мен яхши одамман”, - дейишади. Биласизми, чўчқа ҳам шунга ўхшаш гапни айтиши мумкин. У ҳам ёнидаги қафасда турган бошқа чўчқаларга қараб, “Мен ҳам худди бошқа чўчқалардек тозаман”, - дейиши мумкин. Бироқ, инсонлар билан таққослаганда чўчқалар ёрдамга муҳтож. Худо билан таққослаганда биз инсонлар ҳам шундай ёрдамга муҳтожмиз. Бегуноҳлик меъёрлари ер юзидаги чўчқаларнинг қафасида эмас, балки самовий тахт ҳузуридадир. Худонинг Ўзи бегуноҳлик меъёридир.

Биз махлуқмиз. Француз ёзувчиси Мишель Монтань шундай деган эди: “Ҳар қандай яхши инсон ўзининг барча фикрларини ва қилган ишларини қонун олдида тасаввур қилса, ҳаёти давомида ўн маротаба дорга осилишга лойиқ бўларди”. Бизнинг қилаётган ишларимиз жирканчли. Ҳатти-ҳаракатларимиз шафқатсиз. Истаган ишимизни қилмаймиз, қилган ишларимиз ўзимизга ёқмайди. Энг ёмони, биз ўзимизни ўзгартира олмаймиз.

Биз ҳаракат қилаяпмиз. Ҳаракатларимиз нақадар кучли! Бироқ “Қоплон ўз терисидаги холларини йўқота оладими? Сизлар ҳам яхшилик қила олмайсизлар, ёмонлик қилишга одатланиб қолгансизлар!” (Еремиё 13:23). Пайғамбарнинг гапига қўшилган ҳаворий шундай деган: “Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир, чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат, итоат қилмайди” (Римликлар 8:7).

Ҳалиям бу фикрга қўшилмайсизми? Ҳалиям бу хабарни шафқатсизлик деб ўйлаяпсизми? Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, даъватимни қабул қилинг. Кейинги йигирма тўрт соат давомида гуноҳ қилмасдан яшанг. Сиздан ўн йил, бир йил, ҳатто бир ой гуноҳ қилмасдан яшашни сўрамаяпман. Бор-йўғи бир кун. Шундай қила оласизми? Бир кун гуноҳ қилмасдан яшай оласизми?

Йўқми? Бир соат-чи? Олтмиш дақиқа фақат пок хаёллар ва пок ишлар қилишга ваъда бера оласизми?

Ҳалиям бир қарорга келмадингизми? Унда беш дақиқа шундай қила оласизми? Беш дақиқа ташвишлардан, ғазабдан ва мағрурликдан холи яшай оласизми? Шуни қила оласизми?

Йўқми? Мен ҳам қилолмайман.

Демак, бизда муаммо бор: биз гуноҳкормиз, “Гуноҳнинг эвази – ўлим” (Римликлар 6:23).

Бизда муаммо бор: биз муқаддас эмасмиз, “муқаддас бўлмасдан туриб, ҳеч ким Худони кўролмайди” (Ибронийлар 12:14).

Бизда муаммо бор: биз золиммиз, золимнинг ҳақи эса жазо (Ҳикматлар 10:16).

Нима қилишимиз мумкин?

Майли, аскарлар тупуги қалбимиздаги фосиқликнинг рамзи бўлсин. Сўнгра, Исо бизнинг бу фосиқлигимизни нима қилганини кузатинг. Исо уларни хочга олиб боради.

У пайғамбар орқали шундай деган: “Ҳақорат, тупуришлардан юзимни яширмадим” (Ишаё 50:6). Кейинроқ Унинг юзи қонга беланди, бу эса гуноҳларимиз учун тўлов эди.

Худо бошқача йўл тутиши мумкин эди. Худонинг режасига кўра, Исога томоғини ҳўллаб олиши учун шароб беришди, бироқ юзини артиб олиши учун нега сочиқ беришмади? Шимон Исонинг хочини кўтариб борди, лекин Унинг юзини артиб қўймади. Фаришталар ҳам Ундан биргина дуо ўқилиши даражасидаги узоқликда эди. Улар Исонинг юзидаги тупукларни артиб қўя олмасмиди?

Улар буни қила олишарди, лекин Исо уларга рухсат бермади. Қандайдир сабабга кўра михларни танлаган Зот азоб ва ҳақоратни ҳам Ўзи танлади. Найза ҳамда шимгич билан бирга У туфлашларига ҳам чидади. Нима учун? Эҳтимол, У махлуқдаги гўзалликни кўргандир.

Бироқ, эртакда воқеа бошқача якунланади. Унда соҳибжамол қиз махлуқни ўпади. Каломда эса бунга таққослаб бўлмас улуғвор воқеа содир бўлади: махлуқ соҳибжамол бўлиши учун Соҳибжамол махлуққа айланади. Исо биз билан ўрин алмашди. Одам Ато каби биз лаънат остида эдик, лекин Масиҳ биз билан ўрин алмашди ва Ўзини лаънат остига қўйди (Галатияликлар 3:13 га қаранг).

Биз солиҳ қиёфасига киришимиз учун бегуноҳ Зот гуноҳкор қиёфасига кирди.

 

“МЕН СЕНИ ШУНЧАЛИК СЕВДИМКИ, СИЗЛАР КАБИ БЎЛДИМ”

Тиконли тождаги Худонинг ваъдаси

 

Бутун комилликни Худо Исода жо қилишни маъқул кўрди.

Колосаликлар 1:19

 

Калом инсон бўлди, орамизда яшади. У иноятга ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.

Юҳанно 1:14

 

Мен ва Отам бирмиз.

Юҳанно 10:30

 

Зотан, сизлар ота-боболарингиздан ўрганган бемаъни турмуш тарзингиздан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига эмас, балки Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар. Масиҳ Худонинг бенуқсон қурбонлик Қўзисидир. Худо Масиҳни дунё яратилишидан олдин бу хизмат учун тайинлади. Энди бу охирги кунларда эса Уни сизлар учун зоҳир қилди.

1 Бутрус 1:18-20

 

У бизнинг аҳволимизни ва муаммоларимизни тушунибгина қолмай, уларни аниқ ва ишончли тарзда ҳал қилди.

П.Т. Форсайт

 

Исонинг келишидаги энг ҳайратланарли нарса нима бўлганини биласизми? Исонинг инсон қиёфасига киришининг энг ажойиб томонини биласизми?

У нафақат тақвимдаги вақтни боқийликка алмаштирди. Аммо бундай алмаштириш ҳам эътиборга лойиқ, албатта.

Калом Худонинг умрини ҳисоблайдиган соннинг ўзи йўқ, деб айтади (Аюб 36:26). Биз илк тўлқин қирғоққа қачон урилганини ёки осмондаги илк юлдуз қачон учганини аниқлашимиз мумкин, бироқ Худо қачон Худога айланганини ҳеч қачон била олмаймиз. Худо мавжуд бўлмаган вақт ҳеч қачон бўлмаган, чунки У абадийдир. Худо вақт билан чегараланган эмас.

Бироқ, Исо ер юзига келганида буларнинг барчаси ўзгарди. У осмонда ҳеч қачон эшитмаган иборани, яъни “Сенинг вақтинг тугади”, деган сўзни илк бор эшитди. Болани маъбадда қолдириш керак бўлган, чунки Унинг вақти тугаган эди. Бу кишини Носирада қолдириш керак бўлган, чунки Унинг вақти тугаган эди. Самовий Марварид ўттиз уч йил давомида «вақт» деб аталмиш қобиқда яшади.

Бу, албатта ажойиб, лекин бундан ҳам ҳайратланарлиси бор.

Исонинг инсон қиёфасига киришининг нимаси энг ажойиб эканини кўришни истайсизми? Исонинг танада яшаганида, деб ўйлашингиз мумкин. Қачонлардир У чегара билмас Руҳ эди, кейин тана ва қонга айланди. Шоҳ Довуднинг бу сўзлари ёдингиздами? “Сенинг Руҳингдан қочиб, қаерга ҳам бора оламан?! Сенинг ҳузурингдан қаерга ҳам қоча оламан?! Агар осмонга чиқсам, Сен ўша ердасан! Ўликлар диёрига тушсам ҳам, Сен ўша ердасан! Саҳарнинг қанотларини олиб парвоз қилсам, денгизнинг энг узоқ четларига ўрнашсам, ҳатто у ерда ҳам қўлларинг мени етаклар” (Забур 138:7-10).

Биз “Худо қаерда?”, деб сўраганимизда, худди “сув қаерда?” деб сўраган балиққа, “ҳаво қаерда?” деб сўраган қушга ўхшаб қоламиз. Худо ҳамма ерда! У бир вақтнинг ўзида ҳам Пекинда, ҳам Пеорияда мавжуд. У техасликларнинг ҳаётида қандай мавжуд бўлса, исландияликларнинг ҳаётида ҳам шундай мавжуддир. Худо “бир денгиздан иккинчисига қадар, ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қилади” (Забур 71:8). Худо мавжуд бўлмаган жойнинг ўзи йўқ.

Нима бўлганда ҳам, Худо вақт қобиғига кириб, инсонга айланганида, У чегарасизлик ҳолатидан чегараланган ҳолатга ўтди. Танадаги маҳбусга, тобега айланди. Мушаклари чарчайдиган бўлди. Ўттиз йилдан кўпроқ вақт Унинг чегара билмас лаёқати инсон қўли етиши мумкин бўлган даражага, ҳаракат тезлиги эса инсон қадами тезлиги даражасида қисқарди.

Қизиқ, Унда аввалги чегара билмас қудратини талаб қилиш васвасаси бўлганмикин? Олис масофага бориши керак бўлганида бир лаҳзада бошқа шаҳарда пайдо бўлиб қолиш имконияти ҳақида ўйлаганмикин? Ёмғирда ивиб, совуқ қотганида ҳавони ўзгартириш васвасаси бўлганмикин? Иссиқдан лаблари ёрилиб кетганда яна куч тўплаб олиш учун Кариб денгизига бориш фикри Унда ҳам бўлганмикин?

Унда шундай фикрлар пайдо бўлган бўлса ҳам ҳеч қачон уларга таслим бўлмаган. Бир маротаба ҳам. Бир оз тўхтаб, бу ҳақда ўйлаб кўринг. Масиҳ Ўз ҳаловатини кўзлаб, ҳеч қачон Ўзининг ғайритабиий қудратидан фойдаланмаган. Бир сўзи билан қаттиқ ерни юмшоқ тўшакка айлантириши мумкин эди, бироқ У бундай қилмади. Бармоғининг бир ҳаракати билан Уни айблаётганларнинг тупукларини ўзларининг юзига қайтариши мумкин эди, бироқ У бундай қилмади. Қошини бир жимириш билан Унинг бошига тиканли тож кийдирмоқчи бўлган аскарнинг қўлларини фалаж қилиб қўйиши мумкин эди. Бироқ У бундай қилмади.

Ажойиб! Лекин Унинг ер юзига келишининг энг ажойиб томони шу эдими? Кўпчилик бу борада баҳслашмаган бўларди. Жуда кўпчилик инсонлар Унинг солиҳлик ҳолатидан воз кечиши вақт қобиғидан ҳамда чегара билмас қудратидан воз кечишидан муҳимроқ эканини таъкидлашади. Нима учунлигини тушуниш қийин эмас.

Тиканли тожнинг хабари мана шундан иборат эмасми?

Номаълум аскар букиш мумкин бўлган пишиқ тиканли симни олиб, таҳқирлаш мақсадида тиканли тож ясади.

Муқаддас Каломнинг ҳамма жойида тикан гуноҳни эмас, гуноҳнинг оқибати эканини билдиради. Адан боғи ёдингиздами? Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилганларидан кейин Худо ерни лаънатлаган: “Сен туфайли ерни лаънати қилдим… Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам, ер сен учун тиканлару қушқўнмас ўстиради” (Ибтидо 3:17,18). Ердаги тиканлар инсон юрагидаги гуноҳнинг меваси эканини ифодалайди.

Бу ҳақиқат Худонинг Мусога айтган сўзларида акс этган. У Исроил халқини ерни фосиқлардан тозалашга ундаган. Итоатсизлик машаққатларга олиб келади. “Агар сизлар ўша юрт аҳолисини ҳайдаб чиқармасангиз, уларнинг қолган – қутганлари сизлар учун кўзга кирган зирапчадай, биқинга санчилган тикандай бўлади” (Сонлар 33:55).

Худога қарши чиқиш тиканларга (гуноҳга) сабаб бўлади. “Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор” (Ҳикматлар 22:5). Исо ҳатто ёмон инсонларнинг ҳаётини тиканзор билан таққослаган. Сохта пайғамбарлар ҳақида У шундай деган: “Уларнинг кимлигини қилган ишларидан билиб оласиз. Ахир, тиканзордан узум, янтоқдан анжир бўлмайди-ку!” (Матто 7:16).

Гуноҳнинг меваси – учли, ўткир, санчиладиган тикандир.

Мен сизга савол беришдан олдин тиканлар ҳақидаги фикрни яна бир бор таъкидлайман, эҳтимол сиз ҳеч қачон бу ҳақда ўйлаб кўрмагандирсиз: агар тиканлар гуноҳнинг меваси бўлса, Масиҳнинг бошига кийдирилган тиканли тож Унинг юрагига санчилган гуноҳларимизнинг меваси эканини ифодаламайдими?

Гуноҳнинг меваси нима ўзи? Инсон гуноҳларининг тиканзорига яқинроқ келиб, тиканига қўлингизни теккизинг. Уят, қўрқув, шармандалик, хафагарчилик, ташвиш. Бизнинг юракларимиз тиканлардан иборат мана шу тиканзорга ўралашиб қолмаганмиди?

Бироқ, Исонинг юраги ўралашиб қолмаган эди. У ҳеч қачон гуноҳнинг ниши билан яраланмаган. Сиз билан биз ҳар куни дуч келадиган муаммоларга У ҳеч қачон дуч келмаган. Ташвишми? У ҳеч қачон ташвишланмаган! Айбми? У ҳеч қачон айбдор бўлмаган! Қўрқувми? У ҳеч қачон Худонинг ҳузуридан узоқда бўлмаган! У бизнинг ўрнимизга гуноҳга айланмагунича ҳеч қачон гуноҳнинг мевасини билмаган.

Бу ҳодиса содир бўлганида ўрмонни зулмат қоплаганидек, гуноҳнинг барча ҳислари Уни қамраб олди. У ташвишни, айбдорликни ва ёлғизликни ҳис қилди. Наҳотки сиз Унинг: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега Мени тарк этдинг?” (Матто 27:46) – деб қилган ибодатида буни ҳис қилмасангиз? Бу солиҳ инсоннинг ибодати эмасди. Бу гуноҳкор инсоннинг ноласи эди.

Бу ибодат Унинг ер юзига келишидаги энг ажойиб жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бироқ, бундан ҳам ажойиброқ жиҳатларни айтишим мумкин. Уларнинг нима эканини билишни истайсизми? Унинг ер юзига келишидаги энг ғаройиб жиҳат нима эканини билишни хоҳлайсизми?

Бу Унинг авваллари юлдузлар билан ўйнагани, энди эса шиша пуфаклар билан ўйнаш учун бундан воз кечгани эмас. Коинотни ўз ўрнига жойлаштирган, энди эса ишни кеча тайёр бўлишини истаган, лекин эртанги кунгача ҳам ҳаққини тўлай олмаган қайсар ва норози буюртмачига эшик ўрнатиб бериш учун бундан воз кечгани ҳам эмас.

Ёки бўлмаса, Ўз нигоҳида ҳеч нимага муҳтож бўлмаслик ўрнига ҳаво, овқат, чарчаган оёқлари учун иссиқ сув ва тузга муҳтож қолгани, бундан ташқари, топганини нимага сарфлашни ўйлаш ўрнига, абадий ҳаётини қаерда ўтказиш ҳақида бош қотирганида ҳам эмас.

Ёки Уни иблиснинг ишларини қилишда айблашга журъат қилган ярамас, худбин бошқарувчиларга қаршилик қилгани ҳам эмас.

Ёки бўлмаса, Унинг энг яқин дўстлари “нохушликни сезиб”, оёқлари қалтираб қолганида ҳам Ўзини йўқотмагани эмас. Ёки “Ишора қилсанг бас, Раббий. Бир оғиз айтсанг, бу иблисларнинг қораси ҳам қолмайди”, - деб турган фаришталарга амр бермагани ҳам эмас.

Ҳатто уч кунни қороғи ғорга ўтказганидан кейин Фисиҳ оқшомини табассум билан тантанали кутиб олгани ҳамда ер юзига тушган Люцифердан: “Энг кучли зарбанг шуми?” – дегани ҳам эмас.

Буларнинг бари ажойиб, ҳайратланарли эди.

Лекин самовий тож ўрнига тиканли тож кийган Зот ҳақида энг ажойиб ҳақиқатни билишни истайсизми?

У буни сиз учун қилди. Фақат сиз учун.

 

“МЕН СЕНИ КЕЧИРАМАН”

Михларда Худонинг ваъдаси

 

У бизнинг барча гуноҳларимизни кечирди, бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини бекор қилди, ўша ҳукмни хочга михлаб қўйди.

Колосаликлар 2:13,14

 

Масиҳнинг хизматлари туфайли биз иноят топганмиз, деганда биз Унинг қони орқали покланганимизни ва Унинг ўлими бизнинг гуноҳларимиз учун қурбонлик бўлганини назарда тутяпмиз.

Жон Кальвин

 

Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ. Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир. Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашдилар.

Римликлар 3:22-25

 

Зеро, хоч орқали барча гуноҳлар ювилди, барча айблар кечирилди, шайтон олдидаги барча қарзлар тўланди, Одам Атонинг гуноҳи туфайли чиқарилган ҳукмлар Исога қоқилган михлар томонидан олиб ташланди ва бекор қилинди.

Николай Людвиг ван Цинцендорф

 

У мендан рўйхат тузишни сўрамаслиги керак эди. Уни кўрсатишга қўрқдим. У тажрибали қурувчи, яхши дўст. Ва у бизга ажойиб уй қуриб берди. Бироқ бу уйда айрим қусурлар мавжуд.

Мен бу қусурларни шу ҳафтагача кўрмаган эдим. Лекин бошқа томондан мен бу уйда шу ҳафтага қадар яшамаган эдим. Қачон бир уйга жойлашсангиз, ҳар бир камчиликни кўрасиз.

“Камчиликлар рўйхатини туз”, - деди у менга.

“Хўп, агар сен шуни истасанг, майли”, - дедим.

Ётоқхонанинг эшиги ёпилмайди. Омборхонинг ойнаси дарз кетган. Қизларнинг чўмилиш хонасидаги сочиқ илгич қотирилмаган. Ишлайдиган хонанинг эшигига тутқич ўрнатилмаган. Айтиб ўтганимдек, уй ажойиб, бироқ рўйхатим чўзилиб кетди.

Қурувчиларнинг камчиликлари ҳақидаги ўзим тузган рўйхатга қараб туриб, Худо менинг хатоларим рўйхатини тузаётгани ҳақида ўйлаб қолдим. Ахир У менинг юрагимдан жой олган-ку! Модомики, мен уйимдаги камчиликларни кўраётган эканман, Худо менда нималарни кўраётганини тасаввур қилаверинг. Худо тузиши мумкин бўлган рўйхат ҳақида ўйлашга журъатимиз етадими?

Ибодат қилинадиган хона эшикнинг ҳалқалари кам очилиб ёпилганидан занглаб кетган.

“Ҳасад” деб аталган иситгич қизиб кетган.

Болохона пушаймонларга тўлиб тошган.

Ертўлада эса бир дунё сир-асрорлар музлатиб қўйилган.

Қалбимиздаги пессимизмни (тушкунлик кайфияти) қувиб чиқариш учун кимдир унинг туйнугини очадими?

Ожизликларимиз ҳақидаги рўйхат. Бу рўйхатни кимдир кўриб қолишини истармидингиз? Уни ҳаммага овоза қилишларини хоҳлармидингиз? Агар бу рўйхатни ҳамма одамлар, ҳатто Масиҳ ҳам кўриши учун баланд жойга илиб қўйишса, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?

Ижозатингиз билан бу ҳодиса содир бўлган лаҳзани кўрсатай. Ҳа, хатоларингиз ҳақида тузилган рўйхат чиндан ҳам мавжуд. Исо Масиҳ сизнинг барча камчиликларингизни рўйхатга киритган. Ҳа, бу рўйхат нашр қилинган. Бироқ сиз уни ҳеч қачон кўрмагансиз. Мен ҳам.

Келинглар, ҳозир биргаликда Гўлгота тепалигига борамиз ва ўша ерда мен сизларга нима учунлигини айтиб бераман. Аскарлар Дурадгорни ерга ётқизиб, қўлларини хоч бўйлаб икки томонга узатиб қўйганига назар солинг. Биттаси тиззаси билан Унинг билагини босиб, қўлини михга узатди. Аскар михни қоқиш учун болғани юқорига кўтарганда, Исо юзини буриб, михга қарайди.

Исо уни тўхтата олмасмиди? У қўлларини мушт қилиб, тортиб олиб, қаршилик қилиш мумкин эди. Ахир, денгиздаги тўфонни тинчитган шу қўллар эмасмиди? Маъбадни тозалаган, ўликларни тирилтирган шу қўл эмасмиди?

Лекин Унинг қўллари мушт бўлиб тугилмади… кеч бўлган эди. Болғанинг овози эшитилди, мих танани тешиб ўтди ва қон отилиб чиқди. Энди савол туғилади. Нима учун? Нима учун Исо қаршилик қилмади?

“Чунки У бизни севади”, - деб жавоб берамиз. Бу тўғри, ажойиб ҳақиқат, бироқ сизлардан узр сўрайман. Бунинг яна бир сабаби бор. Уни ўша жойда қолишга мажбур қилган ниманидир кўрди. Аскар Унинг қўлини босганида, У бошини ўгирганида, яноғи тахтага тегди ва бир нарсани кўрди:

Болғами? Ҳа.

Михми? Ҳа.

Аскарнинг қўлими? Ҳа.

Лекин У яна бир нарсани кўрди. У Худонинг қўлини кўрди. Унинг қўли худди инсонларнинг қўлига ўхшарди. Узун бармоқлари, қадоқ босган кафтлари дурадгорнинг қўлларига ўхшарди. Ҳаммаси оддийдек кўринади. Бироқ ундай эмасди.

Бу бармоқлар Одам Атони тупроқдан ясаган ва ҳақиқатни тош лавҳага ёзган.

Бу қўл бир ҳаракат билан Бобил минорасини вайрон қилган ва Қизил денгизни иккига бўлган.

Мисрга азоб келтирган чигирткалар, Илёсни боққан қарға шу қўлдан чиққан.

Забур хонишчисининг озодликни байрам қилиб: “Ўз қўлинг ила қувдинг бегона халқларни… Улар Сенинг ўнг қўлинг, қудратинг, Сенинг нуринг” (Забур 43:3,4) – деб куйлаганидан ҳайрон бўлиш керакми?

Худонинг қўли – қудратли қўлдир.

Эй, Исонинг қўллари! У туғилганида ўзгарган қўллар. У шифо берганда озод қилувчи қўллар. У таълим берганда илҳом берувчи қўллар. У хизмат қилганида содиқ қўллар. У қатл қилинганда нажот берувчи қўллар.

Тепаликка йиғилган оломон михнинг вазифаси Масиҳнинг қўлини ёғочга маҳкамлаш, деб билишган. Лекин улар эллик фоиз ҳақ эдилар. Бошқа эллик фоиз учун уларни айблай олмаймиз. Чунки улар буни кўра олишмасди. Исо эса кўра олди. Само ҳам кўра олди. Биз ҳам кўра оламиз.

Каломда жаллодлар кўрмаган, лекин Исо кўрган нарса ҳақида ёзилган. У “бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини бекор қилди, яъни ўша ҳукмни хочга михлаб қўйди” (Колосаликлар 2:14).

Унинг қўли ва ёғоч орасида рўйхат бор эди. Узун рўйхат. Бизнинг хатоларимиз: шаҳват ва ёлғонларимиз, очкўзлик ва фосиқликларимиз бор эди. Бу бизнинг гуноҳларимиз рўйхати эди.

Сизнинг гуноҳларингизнинг тўплами хочга осилган эди. Ўтган йилги нотўғри қарорлар. Ўтган ҳафтадаги ғазаблар. Ўша жойда, куппа-кундузи бутун Осмоннинг кўз олдида сизнинг хатоларингиз рўйхати намойиш қилинган эди.

Мен ўз уйим билан нималар қилган бўлсам, Худо ҳам биз билан шундай қилди. У бизнинг камчиликларимиз рўйхатини тузди. Бироқ, Худо тузган рўйхатни ўқишнинг иложи йўқ. Унда ёзилган сўзларни тушунишнинг имкони йўқ. Хатолар кўринмайди. Гуноҳлар яширилган. Юқоридагиларни У Ўз қўли билан яширган, ердагилари эса Унинг қони билан беркитилган. Сизнинг гуноҳларингиз Исо томонидан ўчириб ташланган. У “бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини бекор қилди, яъни ўша ҳукмни хочга михлаб қўйди” (Колосаликлар 2:14).

Мана, нима учун У қўлларини тортиб олмади. У рўйхатни кўрган эди. Қаршилик қилишдан Уни нима тўхтатди? Фармон, сизнинг омадсизлигингиз жадвали Уни тўхтатди. Бу гуноҳларнинг эвази ўлим эканини У биларди. Бу гуноҳларнинг манбаи сиз эканингизни биларди, бироқ абадий ҳаётда сизларсиз яшашни истамагани учун У михни танлади.

Болға ушлаган қўл – рим аскарининг қўли эмасди.

Болға ортида турган куч – ғазабга минган оломоннинг кучи эмасди.

Бу ўлим ортида турган ҳукм – ҳасадчи яҳудийлар томонидан чиқарилмаган эди.

Исонинг Ўзи михни танлади.

Шунинг учун, Исонинг қўллари очиқ ҳолда эди. Агар аскар сусткашлик қилганида, Исонинг Ўзи болға билан михни қоққан бўларди. Ахир, У мих қоқишни яхши биларди. Дурадгор сифатида буни қандай бажариш кераклигини яхши биларди. Нажоткор сифатида эса, бу нимани англатишини ҳам биларди. Михнинг вазифаси сизларнинг гуноҳларингиз Унинг қони ҳамда қурбонлиги орқали ювилиши керак бўлган жойга михлаш бўлганини У яхши биларди.

Шунинг учун, Исонинг Ўзи болғага ёрдам бериб юборди.

Денгиздаги тўфонни тинчитган ўша қўл – сизнинг гуноҳларингизни ювди.

Маъбадни тозалаган ўша қўл – сизнинг юрагингизни поклади.

Бу қўл – Худонинг қўли.

Бу мих – Худонинг михи.

Исо мих учун қўлларини очганида осмон эшиклари сиз учун очилди.

 

“МЕН СЕН БИЛАН ЎЗ ТИЛИНГДА ГАПЛАШАМАН”

Ёзувларда Худонинг ваъдаси

 

Пилат ёзув ёзиб, хочга илиб қўйди. Ёзув қуйидагича эди: ЯҲУДИЙЛАР ШОҲИ, НОСИРАЛИК ИСО.

Юҳанно 19:19

 

Демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади.

Римликлар 10:17

 

Ваъз қилиш учун ёки маъруза ўқиш учун минбарга чиққанимда, менинг сўзларим эмас, балки тилим тез ва осон ёзадиган муаллифнинг қаламига айланишига ишонаман.

Мартин Лютер

 

Уйланишимдан анча олдин эр-хотинларнинг шартли белгиларни тўғри тушуниши қанчалик муҳимлигини яхши билардим. Хотинини бош чайқашидан, имо-ишорасидан нима демоқчи эканини тушуна олган эр доно эрдир. Бундай эр хотинининг нафақат нима деяётгани, балки қандай айтаётганини ҳам билади. Нафақат қандай айтаётгани, қачон айтаётганини ҳам билади. Нафақат қачон айтаётганини, қаерда айтаётганини ҳам билади. Яхши эр бўлиш – қарашларнинг маъносини билиш, дегани. Сиз шартли белгиларни тушунишингиз керак.

Дам олиш кунларини Маямида ўтказган пайтимизда буни яхши уддалагандек эдим. Турмуш қурганимизга бор-йўғи бир неча ой бўлган ва ўша дам олиш кунлари меҳмон чақирган эдик. Якшанба куни жамоатда маъруза қилган чўпонни шанба куни меҳмонга чақирган эдим. Бу мен томонимдан қўйилган қалтис қадам эди, чунки биз бирга ўқимагандик, у машҳур профессор эди. Шунчаки профессор эмас, оилавий муносабатлар бўйича мутахассис эди. Оилавий муаммолар бўйича шу мутахассисни янги қурилган оиламизга меҳмонга таклиф қилдик.

Деналин бу янгиликни эшитганида, менга шартли белги берди: “Уйларни йиғиштиришимиз керак”. Жума куни кечқурун у нигоҳлари билан иккинчи белгини берди. У тиззаси билан ўтириб олиб, ошхонанинг полини арта бошлади. Бу иккала белгини кўриб, менга нима демоқчи эканини англаганим учун ўзимни мақтаб, ётган жойимдан турдим.

“Ёрдам бериш учун нима қилсам экан?” – деб ўйладим. Ҳеч қачон енгил ишларни қилмаганман, шунинг учун пол артиб, чангларни тозалаш ўрнига мушкулроқ иш изладим. Хотирамдаги вариантларни ишга солиб, энг яхши вариантни эсладим. Суратларни рамкага солишга қарор қилдим. Бир нечта суратлар солиш мумкин бўлган рамкани тўйимиз куни совға қилишган эди. Биз уни ҳатто очиб ҳам кўрмаган эдик ва албатта сурат ҳам солмаган эдик. Бироқ ўша оқшомда ҳаммаси ўзгариши керак эди.

Мен ишга киришдим. Деналин ортимда туриб, полни артаётган пайтда олдимда йиғиштирилмаган каравот турарди, мен эса қутидаги суратларни ерга ёйиб, танлашни бошладим. (Ўша вақтда нималарни ўйлаганимни билмайман. Эҳтимол, мен меҳмонларга: «Ердаги ивирсиб ётган кир чойшаблар устидан сакраб ўтиб, бизнинг суратлар тўпламига бир қаранг», демоқчи бўлгандирман).

Мен бу ҳақда унга айтишни унутиб қўйибман. Деналин жаҳаннамни совутишга етадиган даражада совуқ оҳангда нима билан банд эканимни сўраган вақтида тағин шу ҳолат юз берди. «Суратлар дастасини ясаяпман», - қувонч билан жавоб бердим. Тахминан ярим соатлар у мен билан гаплашмади. Ҳечқиси йўқ. У ибодат қиляпти ва мендай ғамхўр эри борлиги учун Худога миннатдорчилик билдиряпти, деб ўйладим. Назаримда, у: “Келаси сафар эрим ўзимизнинг оилавий фотоальбом билан шуғулланади”, деб ўйлаётган эди.

Лекин унинг хаёллари бошқа эди. У менга: “Мен ухламоқчиман. Кайфиятим йўқ. Нима учунлигини эрталаб айтаман”, деганида нимадир нотўғри бўлганлиги ҳақидаги фикр хаёлимга урилди.

Сени қара-ю!

Баъзан биз шартли белгиларни сезмай қоламиз. (Ҳозир ҳам кўнгли юмшоқ, лекин тез тушуниб олмайдиган эркаклар нима учун аёлим бунчалик хафа бўлганини англашга уринмоқда. Нима учунлигини тез орада билиб оласизлар).

Тақдиримизни яратган Зот бизнинг умидсиз тентакликларимизни яхши билади. Айрим пайтларда шартли белгиларни сезмай қолишимизни Худо яхши билади. Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам У бизга уларни етарли миқдорда бергандир. Ёмғирдан кейин пайдо бўладиган камалак Худонинг аҳдини билдиради. Суннат эса Худонинг танланганларини, юлдузлар Худонинг катта оиласини билдиради. Ҳатто бугунги кунда ҳам биз янги аҳд жамоатларида рамзлардан фойдаланамиз. Қутлуғ Кечлик – Унинг ўлимини, чўмдирилиш эса – руҳан қайта туғилишимиз рамзи ҳисобланади. Бу рамзларнинг ҳар бири чуқур руҳий ҳақиқатни англатади.

Бироқ энг таъсирли, қўл билан учта тилда ёзилган ёзув хочда мужассам.

Пилат ёзув ёздириб, хочга илдириб қўйган эди. Унда: ЯҲУДИЙЛАР ШОҲИ, НОСИРАЛИК ИСО, деб ёзилганди. Бу ёзувни кўплаб Яҳудийлар ўқишган, чунки Исо хочга михланган ўша жой шаҳардан унча узоқ эмасди. Ёзув эса орамий, лотин ва юнон тилида ёзилган эди. Яҳудий руҳонийлари Пилатга: Яҳудийлар Шоҳи, деб ёзманг, Ўзи айтганидек, Мен Яҳудийлар Шоҳиман, деб ёзинг дейишди, лекин Пилат: Мен қандай ёзган бўлсам, шундайлигича қолсин, деди (Юҳанно 19:19-22).

Ёзувли тахтачани нима учун Исонинг боши устига илиб қўйишди? Тахтачада ёзилган сўзлар нима учун яҳудийларнинг жаҳлини чиқарди ва нима учун Пилат бу ёзувларни ўзгартиришни истамади? Нима учун сўзлар учта тилда ёзилган эди ва нима учун бу тахтача тўрттала Хушхабарда ҳам тилга олинган?

Келинглар, бу саволга жавоб бўлиши мумкин бўлган барча жавоблар орасидан биттасига диққатимизни қаратамиз. Бу бир парча ёғоч бўлаги Худонинг садоқати ифодаси бўлса-чи? Бутун дунёга Ўз Ўғли ҳақида билдириш истагининг рамзи бўлса-чи? Худо Ўз хабарини сизларга етказиш учун барча керакли ишларни қилишини эслатиб ўтамиз. Бу ёзув Худонинг Хушхабарни бутун дунёга етказиш истаги ҳақида иккита ҳақиқатни очиб беради, деб ўйлайман.

Худо фойдалана олмайдиган инсоннинг ўзи йўқ

 

Марҳамат қилиб, бу рамз дарҳол ўз самарасини берганига эътибор беринг. Қароқчининг жавоби ёдингиздами? Ўлимидан бир неча дақиқа олдин, азоб ичида у бошини буриб: “Ё Раббий, Шоҳлигингга кирганингда мени эслагин”, деди (Луқо 23:42).

Қандай ажойиб сўзларни танлаган. У: “Мени қутқар”, - деб ёлвормади. “Жонимга раҳм қил”, - деб сўрамади. Унинг илтимоси – хизматкорнинг шоҳга қилган илтимоси эди. Нима учун? Нима учун у Исонинг Шоҳлиги ҳақида гапирди? Эҳтимол, у Исо қандай таълим берганини эшитгандир. Эҳтимол, Исонинг айтган сўзларини яхши билгандир. Ёки бўлмаса, “Яҳудийлар Шоҳи, Носиралик Исо”, деб ёзилган тахтачани ўқигандир.

Назаримда Луқо тахтачада ёзилган сўзлар билан ибодатда айтилган сўзларни бир-бирига боғлаётгандек. Битта парчада у: “Бу Яҳудийларнинг Шоҳи”, деб ёзган (Луқо 23:38). Тўртта қисқача оятдан кейин, қароқчининг: “Ё Раббий, Шоҳлигинга кирганингда мени эслагин”, деб илтимос қилганини ўқиймиз.

Қароқчи бошига оғир ташвиш тушганини билган. У бошини буриб, шоҳона эълонни ўқийди ва шоҳдан ёрдам сўрайди. Менимча, ҳаммаси шундай бўлган. Демак, бу ёзув хоч ҳақидаги хабарни эълон қилиш учун ишлатилган илк жиҳоз бўлган. Ундан кейин сон-саноқсиз бошқа ускуналар – чоп этиш дастгоҳлари, радио, хушхабарчилик йиғилишлари, ҳатто сиз қўлингизда ушлаб турган китоб сингари кўплаб манбалар пайдо бўлди. Бироқ, ёғочдан ясалган қўпол тахтача ҳаммасига ойдинлик киритган. Шу тахтача туфайли битта жон нажот топган. Буларнинг барчаси кимдир ўша тахтачани хочга илиб қўйгани туфайли содир бўлди.

Ердаги умри тугаб, самога кетган инсонлар билан фаришталар савол-жавоб қиладими-йўқми, билмайман, лекин шундай бўлса, бу қандай бўлишини кузатиш ёқимли бўлган бўларди. Сиз Олмос дарвоза олдидаги маълумотларни текшириш Марказига келган қароқчининг фаришта билан ўтказган суҳбатини тасаввур қилинг.

ФАРИШТА: Ўтиринг. Айтингчи, жаноб қароқчи, нажотга қандай эришдингиз?

ҚАРОҚЧИ: Шунчаки, Исодан Шоҳлигига кирганида мени эслашини сўрагандим. Албатта, ҳаммаси бунчалик тез содир бўлишини кутмагандим.

ФАРИШТА: Тушунарли. Унинг Шоҳ эканлигини қандай билиб олдингиз?

ҚАРОҚЧИ: Унинг боши устида: “Яҳудийлар Шоҳи, Носиралик Исо”, деган ёзув бор эди. Мен бу ёзувга ишондим ва шу ерга келиб қолдим!

ФАРИШТА: (ёндафтарчага ёзди) Ёзувга ишонган.

ҚАРОҚЧИ: Ҳа, тўғри. Бу ёзувни қандайдир Юҳанно исмли йигит илиб қўйди.

ФАРИШТА: Бундай деб ўйламайман.

ҚАРОҚЧИ: Ҳмм. Эҳтимол, у бошқа шогирд, Бутрус бўлса керак.

ФАРИШТА: Йўқ, бу Бутрус эмасди.

ҚАРОҚЧИ: Унда, ҳаворийлардан қайси бири буни қилди?

ФАРИШТА: Агар чиндан ҳам билмоқчи бўлсанг, бу Пилатнинг ғояси эди.

ҚАРОҚЧИ: Ҳазилми бу? Наҳотки Пилат қилган бўлса?

ФАРИШТА: Ҳайрон бўлма. Худо Мусони чақириш учун тиканли бутадан, пайғамбарнинг кўзини очиш учун эшакдан фойдаланган. Юнуснинг эътиборини тортиш учун эса катта балиқдан фойдаланган. Худо фойдалана олмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Мана, тайёр. (Муҳр босади). Бу қоғозни кейинги ойнага топширинг. (Қароқчи эшик томон кетади). Кўрсатгич белгиларга амал қилинг.

 

Пилатнинг Хушхабар тарқатиш мақсади бўлмаган. Аслида, тахтачада аниқ қилиб ёзиб қўйилган: “Яҳудийлар шоҳини шундай қисмат кутмоқда; римликлар унга нималар қилишини кўриб қўйинг. Бу халқнинг шоҳи – қул, хочга михланган қароқчи, агар шоҳ шундай бўлса, у бошқараётган халқ қандай бўларди?” Пилат бу ёзув Яҳудийларни қўрқитиши ва таҳқирлашини истаган эди. Бироқ, Худонинг мақсади бошқа эди. Пилат Хушхабарни эълон қилиш учун Худонинг аслаҳаси эди. У ўзи билмаган ҳолда Худога котиблик қилди. Худо унга нима айтган бўлса, шуларни хочга ёзди. Бу ёзув эса уни ўқиган инсоннинг тақдирини ўзгартириб юборди.

Худо фойдалана олмайдиган инсоннинг ўзи йўқ.

Клайв Льюис ҳам буни тасдиқлаши мумкин. Йигирманча асрни Льюиссиз тасаввур қилишни истамаган бўлардик. Оксфорднинг бу профессори ўсмирлик пайтида Масиҳни қабул қилган ва унинг қалами миллионлаб инсонларнинг Масиҳга келишига сабаб бўлган. Бундай кўп мухлисларга ва чуқур руҳий қарашларга эга ёзувчини топиш мушкул. Қолаверса, Льюиснинг Масиҳга ишонишига сабабчи бўлган яна бошқа бир ғайриоддий Хушхабарчини ҳам топиш қийин.

Ишонинг, у буни хоҳламаган эди, чунки ўзи ҳам имонсиз бўлган. Унинг исми Уэлдон эди. У ҳам Льюис каби атеист бўлган. У ҳақда ёзган бир ёзувчининг сўзларига кўра: “у барча эътиқодларни ва деяри барча ижобий сўзларни масхара қилган”. Льюиснинг ёзишича, Уэлдон “ҳамма нарсаларни кўриб тургандек ишонган ва мустаҳкам асос билан яшаган”. Уэлдон жуда ақлли, ғайриоддий имонсиз эди. Бир куни унинг қилган танқиди Льюиснинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. У Хушхабарнинг илоҳий асосларини ўрганаётган эди.

“Ғалати, - деди у, - ўлаётган Худо эмиш… сафсата. Кўринишидан, ҳаммаси ростдан ҳам бўлган воқеага ўхшайди”. Льюис ундан эшитганларига ишониши қийин бўлди. Аввалига, у Уэлдонни маст, деб ўйлади. Бу гап (кутилмаган ва жиддий бўлмаган бўлса ҳам) Льюисни Исо чиндан ҳам Ўзи эълон қилган Зот эканлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилиши учун етарли бўлди.

Қароқчи Уни инкор қилган инсон сабабли Масиҳни қабул қилган. Бу олим эса Масиҳга ишонмайдиган инсон сабабли Масиҳга келди.

Худо фойдалана олмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Ва…

Худо гапира олмайдиган тил ҳам йўқ.

 

Ўткинчи ҳар қандай одам бу ёзувни ўқий оларди, чунки қадимги дунёнинг учта буюк тили – оромий, лотин ва юнон тилларида ёзилган ёзувни ҳамма ўқий оларди. Оромий тил Исроил халқининг тили, диний тил эди; лотин тили римликларнинг тили бўлиб, қонун ва бошқарув тили ҳисобланарди; юнон тили эса Юнонистоннинг тили бўлиб, маданий тил ҳисобланарди. Мана шу учта тилда ҳам Масиҳнинг шоҳ эканлиги ёзилган эди. Бу Худонинг бутун инсоният учун “Масиҳ – Шоҳ”, деган хабари эди. Ҳар хилда ёзилгани билан хабарнинг маъноси бир хил эди. Исо – барча инсонларнинг шоҳи бўлгани каби, бу хабар ҳам барча инсонларнинг тилида ёзилган эди.

Худо гапира олмайдиган тилнинг ўзи йўқ. Бу эса қизиқ саволга олиб келади: Худо сизга қайси тилда гапиради? Мен шева ёки лаҳжани эмас, кундалик ҳаётингизда сиз фойдаланадиган тилни назарда тутяпман. Биласизми, Худо чиндан ҳам гапиради. У бизга биз тушунадиган ҳар қандай тилда гапиради.

Баъзан У бизга “фаровонлик тилида” гапиради. Ўзингизга тўқмисиз? Чиқимларингиз тўланганми? Чўнтагингизда пулингиз борми? У сизга айтмоқчи бўлганларини эшитмай қолмаслик учун ўзингизда бори билан мағрурланманг. Эҳтимол, сиз бошқаларга бера олишингиз учун сизда шунчалик кўпдир? Коринфликларга иккинчи мактубининг 9:8 да шундай ёзилган: “Худо сизларнинг ҳаётингизни ҳар жиҳатдан иноятга тўлдириб-тоштиришга қодирдир. Шунда ҳар доим, ҳар жиҳатдан, ҳамма эҳтиёжингиз қондирилади ва сизлар янада кўпроқ ҳар хил хайрли ишлар қиласизлар”.

Худо “фаровонлик тилида” гапираяптими? Ёки сиз “муҳтожликларнинг маҳаллий шевасини” эшитаяпсизми? Биз албатта, У бизга фаровонлик тилида гапиришини истаймиз, лекин У ҳар доим ҳам бундай қилмайди.

Ижозатингиз билан Худо менга муҳтожлик грамматикасидан фойдаланган ҳолда хабар берган пайт ҳақида сўзлаб берсам. Тўнғич фарзандимизнинг туғилиши тиббий суғуртамизнинг бекор қилиниши билан бир вақтда содир бўлди. Бунинг қандай бўлганини ҳалигача тушунмайман. Бўлган воқеалар Қўшма Штатларда жойлашган компания ва Женнанинг Бразилияда туғилиши билан боғлиқ эди. Деналин иккаламиз вазни уч ярим кило туғилган фарзандимиз туфайли қувонган бўлсак, касалхонанинг икки минг беш юз долларга тенг тўлов ҳисобидан хафа бўлдик.

Ҳисобни тўлаганимизда ўзимизда пул қолмаганди. Биз қарзни тўлаганимиздан хурсанд бўлдик, бироқ суғурта муаммоси ҳалиям ҳал қилинмаган эди. Мен: “Бу билан Худо бизга нимадир демоқчими?”, - деб ўйладим.

Орадан бир неча хафта ўтгандан кейин жавоб олдик. Флоридадаги кичкинагина жамоат йиғилишида ваъз қилдим. Жамоат аъзоларидан бири менга хатжилд берди ва “Бу оилангиз учун” деди. Бунга ўхшаш ҳадяларни тез-тез олиб турардик. Бу биз учун одатий ҳол бўлиб, одатда эллик доллардан юз долларгача бўлган бундай қурбонликлардан миннатдор бўлардик. Бу ердаги сумма ҳам аввалгилари билан бир хил миқдорда бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин хатжилдни очиб қарасам, (топдингиз) икки минг беш юз долларлик чек бор экан. Худо менга муҳтожлик тили орқали гапирган эди. Худди У менга: “Макс, Мен сенинг ҳаётингда борман. Сен учун ғамхўрлик қиламан”, деб айтаётганга ўхшарди.

“Муҳтожлик тили” ҳақида эшитганмисиз? “Қайғу тили” ҳақида-чи? Нима ҳам дердик, биз бундай атамалардан қочамиз. Бироқ, Худо касалхона коридорлари ҳамда каравотлари орқали аниқ гапиришини ҳаммамиз яхши биламиз. “У менга ором беради” (Забур 22:2) деганда, Довуд нимани назарда тутганини биламиз. Ҳеч нарса нозик танамизчалик эшитиш қобилиятимизни Самога жалб қила олмаса керак.

Худо ҳамма тилларда гапиради – ҳатто сиз гаплашадиган тилда ҳам. Ахир У: “Сизларга Мен йўл кўрсатаман, юрадиган йўлларингизни кўрсатаман” (Забур 31:8), демаганми? “Худонинг оғзидан чиққан ўгитларга қулоқ тут” (Аюб 22:22), деб айтилмаганми? Худо сизга қайси тилда гапиради?

У гапирганидан хурсанд эмасмисиз? У сизга гапираётган экан, демак У сизга бефарқ эмаслигидан миннатдор эмасмисиз? “Эгамиз Ундан қўрқадиганларга Ўз ниятларини ишониб билдиради” (Забур 24:14) деб айтилган сўзларни билиш ёқимли эмасми?

Карл амаким кимдир у билан гаплашганидан миннатдор. У болалигида қизамиқ касаллиги билан хасталанган ва кар ҳамда соқов бўлиб қолган. У деярли олтмиш йилдан кўпроқ вақтини совуқ сукунатда ўтказган. Унинг тилида гапирадиганлар озчиликни ташкил қилар эди.

Улардан бири менинг отам эди. Ака сифатида у укасига ёрдам беришни хоҳлаган бўлса керак. Уларнинг отаси вафот этганидан кейин отам ўз отасининг ўрнини босиши кераклигини ҳис қилган бўлса керак. Сабаби қандай бўлганидан қатъий назар, отам имо-ишора тилини ўрганди. Отам яхши ўқимас эди. У ҳатто ўрта мактабни ҳам тамомламаган. Ҳеч қачон коллежда ўқимаган. Ҳеч қачон француз ёки испан тилини ўрганишга зарурат сезмаган. У ҳамма вақтини укасининг тилини ўрганишга сарфлаган.

Карл амакимнинг юзига табассум югуриши учун отам унинг хонасига киришининг ўзи етарли эди. Иккалови бурчакка ўтириб олиб, ўз тилларида суҳбатлашар эдилар. Улар биргаликда жуда яхши вақт ўтказишарди. Карл амаким бирон марта ҳам миннатдорчилик билдирмаган бўлса ҳам (буни қилолмасди), юзидаги табассуми унинг миннатдор эканлигига шубҳа қолдирмас эди. Отам унинг тилини ўрганган эди.

Сизнинг самодаги Отангиз ҳам сизнинг тилингизни ўрганган. “Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш… сизларга берилган” (Матто 13:11). Миннатдорчиликни билдирувчи битта сўз етарли, деб ўйлайсизми? Худога миннатдорчилик билдираётганингизда, Ундан сиз тушунадиган тилда У юборган қандайдир белгини ўтказиб юбормаётганингизни сўранг.

Уй тозалаш борасидаги рафиқангизнинг сўзларини эътиборсиз ўтказиб юбориш бошқа, ҳаётингизда амал қилиш ҳақидаги Худонинг сўзларини ўтказиб юбориш эса бошқа масаладир.

 

МЕН ТАНЛАШИНГГА ИМКОН БЕРАМАН”

Иккала хочдаги Худонинг ваъдаси

 

У ерда Исони яна иккита одам билан бирга хочга михлаб қўйдилар, биттаси Исонинг ўнг томонида, бошқаси эса чап томонида эди.

Юҳанно 19:18

 

Жиноятчилар қамоқхонани ишғол қилдилар ва қамоқхона эшиклари очилди. Лекин биз қамоқхонадаги хоналаримизни ташлаб, озодлик нурига чиқмагунимизча қутулмаган бўламиз.

Дональд Блоэш

 

Хоч орқали бутун дунё ўша заҳотиёқ қутқарилган, ҳар бир адашган инсон ўзини ўзи барбод қилади, зеро у Қутқарувчини қабул қилмади, чунки у яна қоқилади ва Одам Атонинг гуноҳини такрорлайди.

Николай Людвиг ван Цинцендорф

 

Саҳна устаси Эдвин Томас билан танишинг. Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида ширали овоз соҳиби бўлган бу кичкина одамнинг рақобатчилари жуда кам эди. Ўн беш ёшида илк бор “Ричард III” ролини ўйнаб, тез орада Шекспир асарларининг бош қаҳрамони ролини ўйнайдиган актёрга айланди. У Нью-Йоркда кетма-кет юз оқшом Гамлетни ўйнаган. Лондонда эса қаттиққўл инглиз танқидчиларининг кўнглидан жой олди. Саҳнада фожеали ролларни ўйнашда Эдвин Томасга тенг келадигани йўқ эди.

Ҳаётдаги фожеаларда ҳам унга тенг келадигани йўқ эди.

Эдвиннинг иккита акаси бор эди – Жон ва Жуниус. Уларнинг иккиси ҳам актёр эди, лекин иккаласи ҳам Эдвиннинг даражасига етмаган. 1863 йилда уччала ака-укалар “Юлий Цезарь”ни ўйнаш учун ўз қобилиятларини бирлаштиради. Эдвиннинг акаси Жон Брут ролини ўйнаганлиги икки йилдан кейин ака-укалар ва халқни нима кутаётгани ҳақидаги даҳшатли башорат бўлди. “Юлий Цезарь”нинг қотили ролини ўйнаган ўша Жон, Форд театрида сиёсий раҳнамони ўлдирган қотилга айланди. 1865 йилнинг салқин апрель оқшомида у секин-аста айвоннинг орқа томонидан чиқиб, Авраам Линкольннинг бошидан отди. Ҳа, ака-укаларнинг шарифи Бут эди – Эдвин Томас Бут ва Жон Уилкс Бут.

Ўша оқшомдан кейин Эдвин аввалги Эдвин бўлмай қолди. Акаси содир этган қотиллик исноди уни ёлғизликка маҳкум этди. Агар Нью-Жерси темир йўл бекатида содир бўлган туб бурилиш бўлмаганида, у ҳеч қачон саҳнага қайтмаган бўларди. Эдвин ўз поезди келишини кутиб ўтирган вақтда оломоннинг бетартиб ҳаракати туфайли яхши кийинган бир ёш йигит ҳаракатланаётган поезд ва платформа орасига йиқилиб тушди. Эдвин дарҳол ўтирган жойидан туриб, оёғи билан тўсиққа осилиб, ўша йигитни чиқариб олди. Нафасини ростлаб олган йигит машҳур Эдвин Бутни таниб қолди.

Лекин Эдвин ўзи қутқарган йигитни танимас эди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб унга хат келди ва у йигит ҳақида ўқиди. У бу хатни ўзи билан қабрига олиб кетган. Хат генерал Уллис С. Грантнинг бош котиби генерал Адамс Будодан келган эди. Мактубда миллат қаҳрамони Авраам Линкольннинг ўғлини қутқарганлик учун Эдвин Бутга миннатдорчилик изҳор қилинган эди. Қандай қарама-қаршилик: ака президентни ўлдирди, укаси эса президентнинг ўғлининг ҳаётини сақлаб қолди. Эдвин Бут поезд ғилдираклари остидан қутқариб қолган боланинг исми Роберт Тодд эди.

Эдвин ва Жон Бут. Ота бир, она бир, иши ва муҳаббати бир, лекин биттаси ўлимни, бошқаси эса ҳаётни танлади. Бу қандай бўлиши мумкин? Мен буни билмайман, лекин бундай ҳодисалар учраб туради. Иккаласининг ҳам ҳаёти таъсирли бўлгани билан ҳавас қиладиган эмас.

Одам Атонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил. Ҳобил Худони танлади. Қобил эса қотилликни. Худо унга тўсқинлик қилмади.

Иброҳим ва Лут, иккаласи ҳам Канъонга кетаётган мусофирлар. Иброҳим Худони танлади. Лут эса Садўмни. Худо унга ҳам қаршилик қилмади.

Довуд ва Шоул, иккаласи ҳам Исроилнинг шоҳи. Довуд Худони танлади. Шоул эса ҳокимиятни. Худо унга ҳам тўсқинлик қилмади.

Бутрус ва Яҳудо, иккаласи ҳам Исодан юз ўгиришди. Бутрус раҳм-шафқат топишни излади. Яҳудо эса ўлимга юз тутди. Худо унга тўсқинлик қилмади.

Каломнинг ҳар бир саҳифасидаги воқеаларда ҳақиқат юзага чиқади: Худо бизга ўз танловимизни амалга оширишимизга тўсқинлик қилмайди.

Бу ҳақиқатларни ҳеч ким Исо Масиҳчалик етказиб бера олмаган. Унинг сўзларига кўра, биз қуйидагиларни танлашимиз мумкин:

Тор ёки кенг эшикни (Матто 7:13,14 га қаранг).

Кенг ёки тор йўлни (Матто 7:13,14 га қаранг).

Кўпчилик ёки камчилик билан бўлишни (Матто 7:13,14 га қаранг).

Яна танлашимиз мумкин:

Уйни тош ёки қум устига қуришни (Матто 7:24-27 га қаранг).

Худога ёки бойликка хизмат қилишни (Матто 6:24 га қаранг).

Қўй ёки эчки бўлишни (Матто 25:32,33 га қаранг).

“Булар (яъни Худодан юз ўгирганлар) абадий жазога, солиҳлар эса абадий ҳаётга муяссар бўладилар” (Матто 25:46).

 

Худо бизга абадий ҳаётни қаерда ўтказишимизга таъсир кўрсатадиган танловлар беради.

Гўлготадаги учта хоч мана шуни эслатмайдими? Исо Масиҳнинг ёнида нима учун яна иккита хоч бўлгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нима учун олтита ёки ўнта эмас? Исо Масиҳ нима учун ўртада бўлгани ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Нима учун ўнг четда ёки чап четда бўлмаган? Ана шу иккита хоч Худонинг буюк инъомларидан бирининг рамзи бўлиши мумкинми? Танлаш инъоми.

Иккала қароқчининг ўхшаш томонлари жуда кўп эди. Иккаласи ҳам битта тизим орқали ҳукм қилинган. Иккаласи ҳам бир хил ўлимга ҳукм қилинган. Иккаласини ҳам бир хил оломон ўраб олган. Иккаласи ҳам Исога бир хил яқин масофада осилган. Яна иккаласи ҳам аччиқланишган: “Исо билан бирга хочга михланган қароқчилар ҳам Уни шундай ҳақоратлар эдилар” (Матто 27:44).

Лекин улардан бири ўзгарди.

Хочга михланган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб деди: - Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?! Иккинчи жиноятчи эса шеригига таъна қилди: - Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам Шу Одам каби жазога маҳкум бўлгансан-ку! Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ. Кейин деди: - Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг! Исо унга деди: - Сенга чинини айтайин: бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан. Бу ҳақда Луқо баён этган Хушхабарнинг 23:39-43 да ёзиб ўтилган

Албатта, тавба қилган жиноятчининг таҳсинга лойиқ дуоси ҳақида кўп гапирилган. Бироқ, ўзгарган жиноятчи учун қувонган пайтимизда, ўзгармаган жиноятчини унута оламизми? Унинг ҳоли нима кечади, Исо? Шахсан таклиф қилишнинг иложи йўқми? Вақти соати билан ишончли сўз айтилмайдими?

Чўпон йўқолган битта қўйни излаб, тўқсон тўққизтасини қолдириб кетмайдими? Йўқолган тангани излаб, уй бекаси бутун уйни остин-устин қилмайдими? Ҳа, чўпон ва бека излайди, бироқ ёдингизда бўлсин, дарбадар ўғилнинг отаси ҳеч нима қилмайди.

Қўй тасодифан йўқолган.

Танга ҳам тасодифан йўқолган.

Лекин дарбадар ўғил била туриб кетган.

Ота унга танлаш имконини берган. Исо ҳам иккала қароқчига бир хил имконият берди.

Шундай вақтлар бўладики, бизни жойимиздан қўзғатиш учун Худо чақмоқ юборади. Шундай вақтлар бўладики, бизни жалб қилиш учун Худо марҳамат беради. Яна шундай вақтлар бўладики, фақат сукунатдан бошқа ҳеч нарса бермайди, чунки У бизга абадий ҳаётни қаерда ўтказишни танлашимиз учун имкон беради.

Қандай шараф! Ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларида бизда танлаш имконияти бўлмайди. Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Сиз ўз жинсингизни ўзингиз танламагансиз. Ака-укаларингизни, опа-сингилларингизни ўзингиз танламагансиз. Ирқингизни ёки туғилган жойингизни ўзингиз танламагансиз.

Танлаш ҳуқуқимизнинг чегаралангани баъзан ғазабимизни келтиради. Биз: “Бу – адолатсизлик”, деймиз. Камбағалликда туғилганим адолатсизлик, қўшиқ айта олмайман, секин югураман. Лекин Худо Адан боғига дарахт эккан пайтида ҳаёт палласининг адолат томони ҳеч қачон оғирроқ бўлмаган. Худди бизга берилганидек, Одам Ато ва унинг авлодларига абадий танлов қилиш ҳуқуқи берилганида барча шикоятларга чек қўйилган. Бу ҳаётдаги ҳар қандай адолатсизлик келажак учун таъсир қилиш кучига эга.

Гапимга қўшиласизми? Аксинча бўлишини истармидингиз? Тескариси бўлишини хоҳлармидингиз? Сиз ҳаммасини бу дунёда танлайсиз, У эса абадий ҳаётни қаерда ўтказишингизни танлайди. Сиз бурнингиз ўлчамини, сочингиз рангини, ДНК тузилишингизни танлайсиз, У эса боқийликни қаерда ўтказишингизни танлайди. Сиз шуни хоҳлармидингиз?

Агар биз ресторанда тушликка буюртма берганимиздек, ҳаётда ҳам буюртма бериш имкониятини Худо бизга берганида эди, ажойиб иш бўларди. Мен ўзимга мустаҳкам соғлик, олий даражадаги донолик олган бўлардим. Мусиқий лаёқат менга керак эмас, унинг ўрнига бошқа яхши нарсаларни бера қолинг, дер эдим. Зўр бўларди. Лекин бундай бўлмади. Гап ердаги ҳаёт ҳақида борар экан, сизга танлаш ёки овоз бериш ҳуқуқи берилмаган.

Лекин ўлимдан кейинги ҳаёт учун сизда танлаш имконияти бор. Назаримда, бу ёмон эмас. Гапимга қўшиласизми?

Бизга бу танловдан ҳам муҳимроқ имтиёз берилганми? Бу имтиёз нафақат ҳар қандай адолатсизликни қоплайди, балки эркинлик инояти ҳар қандай хатони ҳам қоплайди.

Тавба қилган жиноятчи ҳақида ўйланг. Биз фақат қуйидагиларни биламиз: у ўз ҳаётида жиддий хатолар қилди. У нотўғри дўстлар танлади, аҳлоқсизликни, ёмон ҳулқ-атворни танлади. Лекин у ўз ҳаётини йўқотди, деб ўйлайсизми? У боқий ҳаётни ердаги ҳаётида қилган барча нотўғри қарорларининг оқибатларидан афсусланиб ўтказадими? Йўқ, аксинча. У ўз ҳаётида қилган ягона тўғри қароридан роҳатланади. Охир оқибатда, қилган ягона тўғри қарори туфайли аввалги барча нотўғри қарорлари унутилди.

Сиз ҳам бу ҳаётда кўплаб нотўғри қарорлар қилгансиз, шундай эмасми? Сиз ҳам дўст танлашда адашгансиз, эҳтимол номуносиб мартаба ёки номуносиб умр йўлдош танлагандирсиз. Ўтган ҳаётингизга назар солиб, “Қанийди… қанийди нотўғри қилган қарорларимни тўғрилай олсам”, дейсиз. Тўғрилай оласиз. Биргина тўғри қарор ер юзида қилинган минглаб нотўғри қарорларни, нотўғри ишларни ёпиб кетади.

Танлаш ўз ихтиёрингизда.

Бир онадан туғилган, битта уйда катта бўлган ака-укалар қандай қилиб турли йўлларни танлаши мумкин? Биттаси ҳаётни танлади, бошқаси эса ўлимни. Нима учунлигини билмайман, лекин бундай воқеалар учраб туради. Қандай қилиб, Исони кўриб турган икки инсоннинг биттаси Уни масхара қилади, бошқаси эса Унга ёлворади. Мен билмайман, лекин шундай бўлган.

У Исога ёлворганида, Исо уни шунчалик севдики, унга нажот берди. Бошқаси Уни масхара қилганида, Исо уни ҳам шунчалик севдики, масхара қилишига қаршилик қилмади.

Исо унга танлаш имкониятини берди.

У сизга ҳам шундай имконият бермоқда.

 

“СЕНИ ТАРК ЭТМАЙМАН”

Хоч йўлидаги Худонинг ваъдаси

 

Бундан ташқари, биз Раббимиз Исо Масиҳ туфайли Худо билан бўлган муносабатимиздан фахрланамиз. Ахир, Исо Масиҳ орқали биз Худо билан ярашганмиз-ку.

Римликлар 5:11

Муқаддас Каломга кўра, гуноҳ ҳал қилувчи, ошкора итоатсизликдир.

Дональд Блоэш

 

У бизни зулмат ҳукмронлигидан қутқариб, севикли Ўғлининг Шоҳлигига қабул қилди.

Колосаликлар 1:13

 

Инсон ўз юрагининг тубдан ўзгаришига муҳтож; у гуноҳларини севиш ўрнига улардан нафратланишни бошлаши ва Худони ёмон кўриш ўрнига Уни севишни бошлаши керак; бир сўз билан айтганда, у Худо билан ярашиши лозим. Бу ўзгаришни амалга оширадиган жой эса хочнинг пойида бўлиб, инсон у ерда Худонинг гуноҳга бўлган нафратини ҳамда Унинг гуноҳкорга бўлган беқиёс севгисини англаб етади.

Д.Н. Андерсон

 

Беш ёшли Мадлен дадасининг тиззасига ўтирди.

“Овқатингни еб бўлдингми?” – сўради у қизидан.

У кулиб, қорнига шапатилаб қўйди: “Бошқа ея олмайман”.

“Бувинг пиширган пирогни татиб кўрдингми?”

“Бир бўлагини едим”.

Джо столни нариги томонига, онаси ўтирган томонга қаради. “Бизни ортиқча тўйдириб юборганга ўхшайсиз. Энди бу оқшом ҳеч нима қила олмасак керак”.

Мадлен иккала қўли билан дадасининг бўйнига осилди. “Дада, бугун Мавлуд байрами арафаси-ку. Рақсга тушамиз, деб айтган эдингиз”.

Джо худди эслай олмагандек тутди ўзини. “Наҳотки? Рақс ҳақида ҳеч нима демагандим, шекилли”.

Бувиси жилмайиб, бошини қимирлатиб қўйди ва дастурхонни йиғиштира бошлади.

“Дада, - ялинди Мадлен, - ҳар доим Мавлуд байрами арафасида рақсга тушамиз-ку. Фақат мен ва сиз, эсингиздами?”

Унинг қалин мўйловида табассум пайдо бўлди. “Албатта эсимда, оппоғим. Буни қандай унутишими мумкин?”

Шундай деб, у ўрнидан турди ва қизининг қўлидан ушлади – бир лаҳза, атиги бир лаҳза – рафиқаси тирилиб келганга ўхшади. Бошқа кўпгина инсонлар каби улар ҳам Мавлуд байрами арафасида қандай рақсга тушганларини эслади.

Улар бир умр рақсга тушишлари мумкин эди, бироқ кутилмаган ҳомиладорлик ва асоратлар маълум бўлди. Мадлен омон қолди. Онаси эса, йўқ. Миннессоталик бақувват қассоб Жо Мадленни бир ўзи тарбиялашига тўғри келди.

“Қани, дада, бўлақолинг, - унинг қўлидан тортди қизи. – Кимдир келиб қолмасидан рақсга тушамиз”. Қиз ҳақ эди. Тез орада эшик қўнғироғи чалиниб, хона қариндошлар билан тўлади ва оқшом ўтиб кетади.

Лекин ҳозир у ерда фақат Мадлен ва унинг дадаси бор.

*

Ота-онанинг фарзандига бўлган севгиси – қудратли кучдир. Янги туғилган чақалоғи бор ёш жуфтликка қаранг. Чақалоқ ўз ота-онасига ҳеч нарса таклиф қила олмайди. Ҳеч қандай пул, ҳеч қандай имтиёз, ҳеч қандай яхши сўзлар. Агар унинг чўнтаги бўлганда ҳам, у бўм-бўш бўларди. Беланчакда ётган гўдакка қараш – бутунлай ожизликка қараш билан баробар. Уни нимасини севиш мумкин?

Бироқ ота-она севиш учун сабаб топади. Чақалоғини эмизаётган онанинг юзига қарашнинг ўзи кифоя. Чақалоғини эркалаётган отанинг кўзига қаранг. Шу чақалоққа зиён етказишга ёки у ҳақда ёмон гап айтишга уриниб кўринг-чи, - ўта қудратли кучга рўбарў келасиз, чунки ота-оналик муҳаббати шундай.

Бир куни Исо шундай сўради: агар биз гуноҳкор бўла туриб, бундай севгини ҳис қилсак, гуноҳсиз ва раҳмдил Худо қанчалик кўпроқ севади? Бироқ, севгига яраша жавоб қайтмаса, нима бўлади? Бола юз ўгириб кетса, отанинг қалби нима бўлади?

*

Миннессотадаги чангли бўрон каби бир ғалаён Джонинг ҳаётини издан чиқарди. Бу пайтга келиб, Мадлен улғайган, машина ҳайдайдиган ёшга тўлганди. Мадлен ўз ҳаётимни ўзим бошқара оламан, деган қарорга келди. Унинг ҳаётида эса дадасига ўрин йўқ эди.

“Кун келиб, шундай бўлишини олдиндан кўра олишим керак эди, - деди Джо кейинроқ, - лекин нима қилсанг ҳам, мен буни кўра олмадим”. У нима қилишини билмасди. У сирға тақилган бурун ҳамда тор кўйлакка нисбатан қандай муносабатда бўлишни билмасди. Қизининг кеч келишларини ва ёмон баҳо олишини тушунмасди. Энг ёмони, қачон гапириш керак-у, қачон жим туриш кераклигини билмасди.

Қизи эса, бошқа томондан, ҳаммасини ҳал қилиб бўлган. У дадаси билан қачон гаплашиш кераклигини яхши биларди – ҳеч қачон. У қачон жим туришни ҳам биларди – ҳар доим. Лекин баланд бўйли, баданига татуировка чизилган йигит пайдо бўлганида шароит ўзгарди. Йигит ҳеч нимага ярамайдиган бўлиб, Джо буни биларди.

Джо қизининг шу йигит билан Мавлуд байрами арафасини бирга ўтказишини истамади.

“Сен биз билан қоласан. Бувимнинг уйида қолиб, бувим пиширган пирогни ейсан. Мавлуд байрами арафасини биз билан бирга ўтказасан”.

Улар бир дастурхон атрофида ўтирган бўлсалар ҳам, худди шаҳарнинг турли бурчакларида ўтирганга ўхшарди. Мадлен бир сўз демасдан санчқи билан таомни ковларди. Бувиси Джони гапиртиришга уринар, у эса гапирадиган кайфиятда эмасди. Бир томондан Джонинг жаҳли чиқар, бошқа томондан эса юраги эзиларди. Қачонлардир унинг тиззасида ўтирган бу қиз билан қандай гаплашишни билиш учун жонини беришга тайёр эди.

Тез орада қариндошлар келиб, узоқ давом этган ноқулай Сукунат тарқалди. Хона одамлар ва шовқин-суронлар билан тўлганида Джо бир томонда, Мадлен бошқа томонда жим ўтиришар эди.

“Мусиқани қўй, Джо, - деди акаларидан бири. У мусиқани қўйди. Қизига нима ёқиши ҳақида ўйлаб, қизи томонга юрди. “Бугун даданг билан рақсга тушасанми?”

Сиз унинг норози бўлиб, ўгирилиб кетганини кўрганингизда, дадаси уни ҳақорат қилди, деб ўйлардингиз.

Бутун оиланинг кўз ўнгида у уйдан чиқиб, йўлак бўйлаб юриб кетди. Дадаси уйда ёлғиз қолди.

Бутунлай ёлғиз.

*

Каломга кўра, бизларнинг хаммамиз худди шундай қилганмиз. Отанинг севгисини нафрат билан рад қилганмиз. “Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик” (Ишаё 53:6).

Павлуснинг сўзларига кўра, бизнинг исёнимиз фақат шунинг ўзи эмас. Биз шунчаки қайрилиб кетмадик. Биз Худога қарши ҳаёт кечирдик. У очиқчасига шундай ёзади: “Биз Худонинг душманлари бўлганмиз” (Римликлар 5:10 га қаранг). Жуда оғир сўзлар, тўғрими? Душман билмасдан эмас, атайлаб хафа қиладиган киши. Бу биз ҳақимизда эмасми? Биз қачондир Худога душман бўлганмизми? Қачондир Отага қарши чиққанмизми?

Сиз қачондир…

Қилаётган ишингиз Худога ёқмаслигини билиб туриб ҳам ўша ишни қилганмисиз?

Унинг фарзандларини ёки Унинг қайсидир ижодини хафа қилганмисиз?

Унинг душмани бўлган иблиснинг ишларини қўллаб қувватлаган ёки тасдиқлаганмисиз?

Инсонлар олдида Самовий Отангизга қарши чиққанмисиз?

Агар шуларни қилган бўлсангиз, душманнинг ролини ўйнаётганингизни биласизми?

Унинг душманига айлансак, Худо бунга қандай қарайди?

*

Ўша оқшом Мадлен уйга қайтди, лекин бир неча дақиқага. Кетиб қолгани учун Жо қизини ҳеч қачон айбламаган. Ҳуллас, қассобнинг қизи бўлиш нима ўзи? Охирги кунларда Джо қизи билан бирга вақт ўтказиб, кўп ҳаракат қилди. У қизи ёқтирган овқатни пиширди, қизи эса ейишни истамади. У қизини кинога таклиф қилди, лекин у хонасидан чиқмади. У қизига янги кўйлак сотиб олди, қизи эса “Раҳмат” ҳам демади. Кейин баҳор кунларининг бирида қизи мактабдан келганда уйда бўлиш учун ишга эртароқ кетди.

Айнан ўша куни қизи уйга қайтмаганини англаб олиш қийин бўлмаса керак.

Бир дугонаси уни дўсти билан автобус бекатида кўрганини айтди. Чипта сотувчи ҳам унинг Чикагога чипта олганини тасдиқлади; Чикагодан қаерга кетганини эса ҳеч ким билмасди.

*

Бу дунёдаги энг машҳур йўл – Виа Долорос, яъни “қайғу йўлидир”. Афсоналарга кўра, бу Исо Масиҳнинг Пилат саройидан Гўлготагача босиб ўтган йўлдир. Бу йўл бир нечта босқичларга ажратилган бўлиб, масиҳийлар ўз ибодатларида ундан фойдаланишади. Босқичлардан бири – Пилат ҳукм чиқарган вақтни белгилайди. Яна битта босқич эса – Исога хочни кўтаришга ёрдам бериш учун Шимон пайдо бўлган вақтни белгилайди. Иккита босқич – Исо йиқилиб тушган жойни белгилайди, яна бир босқич эса Исонинг йиғлаётган аёлга гапирган вақтни белгилайди. Босқичлар ҳаммаси бўлиб ўн тўрттани ташкил этади ва уларнинг ҳар бири Масиҳнинг сўнгги йўлида бўлган воқеалар ҳақида эслатади.

Бу йўл текис ва равон эдими? Менимча, йўқ. Милодий 70-йилда, сўнгра эса 135-йилда Қуддус вайрон бўлган вақтда, шаҳар кўчалари ҳам вайрон бўлган. Натижада, ўша жума кунида Масиҳ юрган йўл қай аҳволда бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди.

Бироқ, биз бу йўл қаердан бошланишини биламиз.

Бу йўл Пилатнинг саройидан бошланмаган, балки самовий саройдан бошланган. Ота бизни излаб топиш учун Ўз уйини ташлаб чиққанида бошланган. Сизларнинг қалбингизни забт этишга бўлган иштиёқ билан У Ўз изланишларини бошлаган. Каломда бу изланишларни ифода этувчи сўз бор: бу сўз – ярашиш, сўзидир.

Масиҳ орқали Худо дунёни Ўзи билан яраштирди (2 Коринфликлар 5:19). Юнон тилидан олинган ярашиш сўзи “қарама-қарши ҳолатга олиб келиш” маъносини билдиради. Ярашиш – яланғочликни беркитади, исённи тўхтатади, совиб қолган севгини алангалатади.

Ярашиш – йўқолган инсонни қўлидан тутиб, уйга қайтариб келади.

Хочга элтувчи йўл бизни Ўзига қайтариш учун Худо қанча йўл босиб ўтганини яққол кўрсатади.

*

Баданига татиуровка чизилган баланд бўйли бу йигитнинг амакиваччаси бўлиб, кечалари Хьюстон жанубидаги дўконда ишларди. У ойига бир неча доллар эвазига уйсиз инсонларга ўз уйида тунашга рухсат берарди, фақат бу уйсизлар кундузи уйда бўлмасликлари керак эди.

Бу эса уларга муаммо туғдирмасди. Уларнинг катта режалари бор эди. Бола механик бўлмоқчи эди, Мадлен эса савдо марказига ишга қабул қилинишига ишонарди. Албатта, бола машиналар ҳақида ҳеч нарса билмасди, қиз эса қандай иш топиш кераклигини ҳам билмасди, ахир озодликдан сармаст бўлган пайтингизда булар ҳақида ўйламайсиз-ку!

Икки ҳафталардан кейин уй эгаси ўз фикрини ўзгартирди. У ўз қарорини эълон қилган куни Мадленнинг йигити ҳам ўз фикрини айтди. Мадлен туни билан кўчада ёлғиз қолди, тунашга жойи ҳам, қўллайдиган дўсти ҳам энди йўқ.

Бу унинг кўп маротаба кўчада қолиб кетишларининг биринчиси эди.

Хиёбондаги аёл унга уйсизлар учун мўлжалланган, кўприк олдидаги бошпана ҳақида айтди. Бир-икки доллар эвазига у бир ликоп шўрва ҳамда йиғма каравот олиши мумкин эди. Икки доллар унинг бутун бойлиги эди. У рюкзагидан ёстиқ, курткасидан эса ёпинчиқ сифатида фойдаланди. Хонадаги шовқин-сурондан ухлашга қийналди. Мадлен деворга ўгирилиб олди ва бир неча кунлар ичида илк маротаба ухлашидан олдин дадасининг уни ўпганида юзига тегадиган соқолли юзини эслади. Лекин кўзларида ёш пайдо бўлганида, у ўзини йиғламасликка мажбур қилди. Қалбининг тубидан чиқаётган хотираларини ҳайдаб, уй ҳақида ўйламасликка қарор қилди.

У уйидан жуда узоққа кетиб қолгани учун уйига қайтолмасди.

Эртаси куни тонгда унинг ёнидаги каравотда ётган қиз чўнтаги тўла пулни кўрсатди. У бу пулларни стол устида рақс тушиб топганини айтди. “Бу кеча менинг бу ердаги сўнгги кечам бўлади, - деди у. – Энди яшаш жойи учун ўзим пул тўлай оламан. Бошлиқнинг айтишича, уларга яна битта қиз керак. Бир уриниб кўрсанг бўларди. – У чўнтагига қўлини тиқиб, гугурт қутисини олди. – Мана манзил”. Мадлен буни ўйлаганида ўзини ёмон ҳис қилди. Фақат “Ўйлаб кўраман”, - дея олди.

Ҳафтанинг қолган кунларини у кўчада иш излаш билан ўтказди. Ҳафта охирида бошпана учун ҳақ тўлайдиган куни у чўнтагини кавлаб, манзил ёзилган гугурт қутисини олди. Унда бори шу эди, холос. “Бугун бу ерда тунамайман” – деди ва чиқиб кетди. Очлик ҳар қандай қатъий ишончни ҳам синдиради.

*

Мағрурлик ва уят. Уларнинг ака-сингил экани ҳеч қачон хаёлингизга келмаган бўлса керак. Кўринишидан улар бир-бирларига ўхшамайди. Мағрурлик кўкракни керади. Уят эса бошни эгади. Мағрурлик мақтанади. Уят эса яширинади. Мағрурлик ўзини кўрсатишни истайди. Уят эса кўздан нари бўлишни.

Лекин адашманг, бу иккала ҳиссиётнинг ота-онаси битта. Бу иккала ҳиссиёт ҳам бир хил таъсирга эга. Улар сизни Отадан узоқлаштиради.

Мағрурлик айтади: “Худо учун сен жуда яхшисан”.

Уят айтади: “Сен Худо учун жуда ёмонсан”.

Мағрурлик сизни узоқлаштиради.

Уят эса сизни ёлғизликда сақлайди.

Агар мағрурлик йиқилишга сабаб бўлса, унда уят қайтадан туришга тўсқинлик қилади.

*

Мадленнинг қўлидан келадиган иш фақат рақс тушиш эди. Унга дадаси ўргатган. Энди эса отаси тенги эркаклар уни томоша қилар эди. У буни оқлашга уринмади – у бу ҳақда ўйламади. Мадлен шунчаки ўз ишини қилиб, уларнинг пулларини олди.

Агар мактуб бўлмаганида, у бу ҳақда умуман ўйламасди. Мактубларни собиқ йигитининг амакиваччаси олиб келиб берди. Битта эмас, иккита эмас, бир қути эди. Уларнинг ҳаммаси унга аталган эди. Уларнинг бари дадасидан келганди.

“Йигитинг сени ташлаб кетганга ўхшайди. Бу хатлар ҳафтасига икки ёки уч марта келади, - деб нолиди у. Дадангга ўзингнинг манзилингни бер”. Бироқ Мадлен бундай қила олмасди. Дадаси уни топиб олиши мумкин эди.

Бироқ у хатжилдларни оча олмади. У ерда нималар ёзилганини биларди: дадаси уни уйга қайтишини хоҳларди. Лекин дадаси қизини нима билан шуғулланаётганини билганида эди, бу мактубларни ёзмасди.

У бу хатларни ўқимаслик яхшироқ бўлади, деб ўйлади. Шунинг учун уларни ўқимади. Ўша ҳафтада ҳам, бола кейинги хатларни олиб келган кейинги ҳафтада ҳам ўқимади. Ундан кейинги ҳафта бола яна мактублар олиб келганида ҳам уларни ўқимади. Қиз бу хатларни клубнинг ечиниш хонасида тартиб бўйича сақлади. У мактубларнинг ҳар бирини бармоғи билан ушлаб кўрди, лекин биронтасини ҳам очишга журъат қилмади.

Мадлен анчагача ўз ҳисларини алдашга муваффақ бўлди. Уй ҳақидаги, уят ҳақидаги фикрларни қалбининг тубига яширди. Лекин бу хаёлларга қарши туриш қийин бўлган вақтлар ҳам бўлди.

Бир куни у магазин пештахтасига илинган кўйлакни кўриб қолди. Бу худди дадаси олиб берган кўйлакнинг ўзи эди. Ўша пайтда бу кўйлак у учун жуда одми кўринган эди. Ўша пайтда у кўйлакни хоҳламасдан кийиб кўрган ва дадаси билан бирга ойнага қараган эди. “Буни қара-я! Бўйинг менга етиб қолибди”, - деганди дадаси. Ўшанда дадасининг унга қўл теккизиши ёқмаганди.

Пештахта ойнасидаги ўзининг ҳорғин қиёфасини кўриб, дадасининг яна бир қўл теккизиши учун мингта кўйлакни беришга тайёр эканини ҳис қилди. У дўкон олдидан кетди ва ортиқ шу дўкон олдидан ўтмасликка сўз берди.

Барглар тўкилиб, кунлар совуди. Яна мактублар келди, амакивачча нолиди, хатлар кўпаяверди. Лекин қиз дадасига ўз манзилини бермади. Хатларни ўқишдан ҳам бош тортди.

Кейинроқ, Мавлуд байрамидан бир неча кун олдин яна битта мактуб келди. Аввалгилари билан бир хил. Ранги ҳам бир хил. Лекин бунисига марка ёпиштирилмаган эди. Бу мактубни амакивачча ҳам олиб келмади. Мактуб унинг ҳожатхонасидаги курсида турган эди.

“Бир икки кун олдин гавдали киши кириб келди ва буни сизга бериб қўйишимни илтимос қилди, - деди раққосалардан бири. Айтишича, унда нима ёзилганини билар экансиз”.

“У шу ерга келдими?” – ҳаяжонланиб сўради у.

Аёл елкасини қисди: “Албатта”.

Мадлен қийинчилик билан ютинди ва хатжилдга қаради. У хатжилдни очди ва номани олди. “Қаерда эканингни биламан. Нима иш қилаётганингни ҳам биламан. Бу менинг сенга бўлган муносабатимни ўзгартирмайди. Ҳар бир мактубимда ёзган сўзларим ўзгармайди”.

“Лекин мен нима ёзганингизни билмайман”, - деди Мадлен. У йиғилиб қолган мактубларнинг биринчисини очиб ўқиди. Кейин иккинчисини, кейин учинчисини. Ҳар бир мактубда бир хил таклиф ёзилганди. Ҳар бир мактубда бир хил савол бор эди.

Бир неча дақиқа ичида хона очилган хатлар билан тўлиб кетди, юзидан эса кўз ёшлари оқар эди.

Бир соат ўтиб, у автобус ичида ўтирган эди. “Эҳтимол, вақтида етиб борарман”.

Кеч қолишига оз қолди.

Қариндошлар кетмоқчи бўлиб туришганди. Жо ошхонанани йиғиштиришда бувисига ёрдамлашаётганида укаси уни чақириб қолди: “Жо, сени сўраб келишди”.

Жо ошхонадан чиқиб келди ва қотиб қолди. Қизнинг бир қўлида рюгзак, иккинчи қўлида нома турарди. Жо қизининг кўзларидаги саволни ўқиди.

“Жавобим: Ҳа, - деди у дадасига. Агар таклиф ўз кучини йўқотмаган бўлса, менинг жавобим: ҳа”.

Жо бўғзига тиқилган нарсани ютиб юборди. “Хўш! Таклиф ўз кучида”.

Иккаласи Мавлуд байрами арафасида яна рақсга тушишди.

Эшик ёнида эса дадасининг таклифи ёзилган, Мадленга аталган мактублар сочилиб ётарди. Бу мактубларда шундай сўзлар битилган эди:

“Сен уйга қайтиб, даданг билан яна рақсга тушасанми?”

МЕН СЕНГА ЎЗ ЛИБОСИМНИ БЕРАМАН”

Либосларда Худонинг ваъдаси

 

Бироқ, бегуноҳ Исо Масиҳ… шу йўл билан бизнинг айбларимизни ювиш ва бизни жазодан озод қилиш учун барча азобларимизни Ўзига олди.

Августин

 

Чунки Масиҳ бизни Худога яқинлаштириш учун, бизнинг гуноҳларимиз учун азоб чеккан.

1Бутрус 3:18

 

Бу гуноҳкорлар учун илоҳий иноят бойликларининг сиридир; зеро, гуноҳларимизнинг мўъжизавий алмашинуви туфайли энди бизнинг гуноҳларимиз Масиҳга ўтди, Масиҳнинг солиҳлиги эса бизга.

Мартин Лютер

 

Бош официант ўта талабчан экан. Бу бизнинг асал ойимиз эканини унга умуман фарқи йўқ эди. Шаҳар ташқарисидаги клубнинг мана шу ҳашаматли ресторанидаги оқшом биз учун тўй совғаси экани унинг учун аҳамиятсиз эди. Кечки овқатга жой қолиши учун Деналин иккимиз тушлик қилмаганимиз ҳам унга фарқсиз йўқ эди. Одоб-аҳлоқ меъёрлари билан таққослаганда бу ақлга сиғмас эди.

Мен костюм киймаган эдим. Спорт кўйлагининг ўзи мос келади, деб ўйлагандим. Бу кўйлак тоза ва яхши ярашган эди. Бироқ, смокинг кийган французча талаффузли жанобнинг кўриниши ажойиб эди. Офицант биздан бошқа ҳаммани ўз жойига ўтқазди. У жаноб Илтифотли ва унинг хонимига жой топиб берди. Жаноб Замонавий ҳамда унинг хонимига ҳам жой бор эди. Жаноб Костюм киймаган ва унинг хонимига эса…?

Бошқа қандайдир йўли бўлганида эди, унга ялиниб ўтирмасдим. Лекин бошқа иложим йўқ эди. Вақт алламаҳал бўлган, бошқа ресторанлар ёпилган ёки жойларнинг ҳаммаси банд эди, биз эса оч эдик. “Бизга ёрдам беришнинг қандайдир йўли бордир”, - деб ялиндим унга. У аввал менга, сўнг Деналинга қараб, чуқур нафас олди.

“Хўп майли, ҳозир қараб кўраман”.

У ечиниш хонасига кириб кетди ва қўлида костюм билан чиқиб келди. “Буни кийиб олинг”. Мен уни кийдим. Енги жуда калта, елкалари жуда тор, ранги ҳам тўқ яшил эди. Бироқ мен шикоят қилмадим. Эгнимда костюм бор эди ва официант бизни столгача кузатиб қўйди. (Овқатни олиб келганларидан кейин костюмни ечиб қўйганимни ҳеч кимга айтманг).

Ўша оқшомдаги барча ноқулайликларга қарамасдан, кечки овқат яхши бўлди ва биз ажойиб сабоқни ўзлаштирдик.

Менга костюм керак бўлганди, лекин мен илтимос қилишим керак эди, холос. Ўша йигит мени ҳайдаб солмайдиган даражада меҳрибон, аммо қоидани бузмайдиган даражада ўз ишига талабчан эди. Мендан костюм кийишимни талаб қилган йигитнинг ўзи менга костюм берди ва столга кузатиб қўйди.

Хочда ҳам айнан шундай воқеа содир бўлмаганмиди? Худонинг дастурхонида пала-партиш кийинганлар учун жой йўқ. Бизларнинг қайси биримиз шундай кийинмаганмиз? Маънавий қолоқ. Ҳақиқатга бефарқ. Одамларга эътиборсиз. Бизнинг маънавий кийимларимиз тартибсиз. Ҳа, Худонинг дастурхонига ўтириш талаблари юқори, лекин Худонинг Ўз фарзандларига бўлган севгиси ундан ҳам юқори. Шунинг учун, У бизга инъом таклиф қилмоқда.

Тўқ яшил рангдаги костюм эмас, либос. Чоксиз тўқима. Ечиниш хонасидан олиб чиқилган кийим эмас, балки Унинг Ўғли, Исо Масиҳ кийган либосни таклиф қилмоқда.

Каломда Исо кийган кийим ҳақида кам гапирилган. Унинг амакиваччаси Яҳё Чўмдирувчи қандай кийинганини биламиз. Диний уламолар қандай кийим кийганидан ҳам хабаримиз бор. Бироқ, Масиҳ қандай кийим кийганини аниқлаш мушкул: Унинг кийими бошқаларга қўлини теккиза олишига тўсқинлик қиладиган даражада ёмон ёки бошни айлантирадиган даражада жимжимадор эмасди.

Исонинг кийимлари ҳақидаги бир эслатма эътиборга лойиқ. “Аскарлар… Унинг кийимларини олдилар. Кийимларини тўрт бўлакка бўлиб, ҳар бир аскарга бердилар. Ички кўйлагини ҳам олдилар. Ички кўйлак бошдан-оёқ чоксиз бир тўқима эди. Аскарлар бир-бирига: буни йиртмайлик, бу учун қуръа ташлаймиз, кимга тушса, ўшаники бўлсин, дейишди” (Юҳанно 18:23,24)

Бу кийим Исонинг энг қимматбаҳо бойлиги бўлган бўлса керак. Яҳудийларнинг одатига кўра, ўғил уйни тарк этишидан олдин она ўз ўғлига шундай либос тўқиб, ҳадя қилиши шарт бўлган. Марям ҳам Исога шундай қилганми? Буни билмаймиз. Лекин бу тўқима тикилмаслигини, бошдан-оёқ чоксиз тўқима бўлишини биламиз. Нима учун бу шунчалик муҳим?

Каломда кўпинча, бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз кийган кийимимиз каби тасвирланади. Бутрус бизни “ўзимизни камтар тутишга” даъват қилган (1Бутрус 5:5). Довуд ёвуз кимсалар ҳақида шундай деган: “лаънатни кийимдай киярди” (Забур 108:18). Кийим инсоннинг табиатини ифодалайди, Масиҳнинг кийимига қарасак, Унинг табиати чоксиз. У итоаткор. У ягона. У Ўз либосидай бутунлай мукаммал бўлган.

“Бошдан-оёқ чоксиз тўқима”. Исони Ўзининг эмас, Отанинг донолиги бошқарган. Унинг сўзларига қулоқ солинг:

Ўғил ўзидан-ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Отасидан кўрган ишларни қилади. Осмондаги Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади (Юҳанно 5:19).

“Мен Ўзимдан Ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Осмондаги Отам Менга қандай айтса, шундай ҳукм қиламан” (Юҳанно 5:30).

Исонинг табиати осмондан ергача, Худонинг ўй-хаёлларидан Исонинг қилган ишларгача, Худонинг кўз ёшларидан Исонинг азобларигача, Худонинг сўзларидан Исонинг жавобларигача ёйилган бир бутун чоксиз тўқима эди. Буларнинг барчаси – Исо табиатининг ифодасидир.

Лекин Масиҳ хочга михланишга ҳукм қилинганида, У Ўзининг чоксиз мукаммаллик либосини ечиб, Ўзига бошқа либос – таҳқирланиш либосини қабул қилди.

Ечинтириш орқали таҳқирлаш. Онаси ҳамда яқинлари олдида ечинтирилди. Оиласи кўз олдида шарманда қилинди.

Енгилиш орқали таҳқирланиш. Диний уламолар бир неча соат давомида азоб бериб, ғолиб бўлишди, Масиҳ эса енгилди. Ўз айбловчилари олдида шарманда бўлди.

Лекин энг ёмони шундаки, У гуноҳ учун таҳқирланишни Ўзига олди. “У гуноҳларимизни Ўзига олди, аъзои бадани ёғочда азоб чекди. Шу туфайли биз гуноҳ учун ўлганмиз ва солиҳ ҳаёт кечира оламиз” (1Бутрус 2:24).

Исонинг хочдаги кийими – сизнинг ва менинг гуноҳларим эди. Бутун инсониятнинг гуноҳлари эди.

Ёдимда, бир пайтлари отам менга йўл четидаги бир нечта одам нима учун йўл-йўл чизиқли кийимда эканини тушунтирган эди. “Улар маҳбуслар, - деганди у. – Улар қонунни бузишган ва энди муддатларини ўтамоқда”.

Биласизларми, бу одамларнинг нимаси ёдимда қолган? Улар ҳеч қачон бошларини кўтармасдилар. Уларнинг нигоҳи ҳеч қачон бошқа инсонларнинг нигоҳи билан тўқнашмасди. Улар уялишганми? Эҳтимол.

Улар йўл четида туриб ҳис қилган нарса, Нажоткоримиз хочда ҳис қилган нарса билан бир хил – шармандалик эди. Хочга михлашдаги ҳар бир икир-чикирлар қурбонга фақат азоб бериш эмас, балки уни таҳқирлаш учун ҳам мўлжалланган эди. Хочга михлаш одатда энг ваҳший жиноятчилар: қотиллар, ёлланма қотиллар ва шунга ўхшаш жиноятчилар учун мўлжалланган эди. Маҳкум қилинган жиноятчини шаҳар кўчалари бўйлаб олиб ўтишган ва унинг бўйнига у қилган жиноят ёзилган тахтачани илиб қўйишган. Қатл жойида эса, уни ечинтириб, масхара қилишган.

Хочга михлаш шунчалик жирканчли бўлганидан, Цицерон шундай ёзган: “Хочнинг номи биздан, рим фуқароларининг нафақат танасидан, балки ўй-хаёлларидан, кўзларидан, қулоқларидан ҳам йироқ бўлсин”.

Исо нафақат одамлар кўз олдида, балки Само олдида ҳам шарманда қилинган.

У қотил ва зинокорнинг гуноҳларини Ўзига олганида, қотил ва зинокорнинг шармандалигини бошидан ўтказди. Ўзи ҳеч қачон ёлғон гапирмаган бўлса ҳам, ёлғончининг азобини Ўзига олди. Ўзи ҳеч қачон алдамаган бўлса ҳам, фирибгарнинг жазосини Ўзига олди. Дунёнинг гуноҳларини Ўзига олганида, бутун дунёнинг шармандалигини ҳам Ўзига олди.

Ибронийларга мактуб йўллаган муаллифнинг “Унинг хўрликлари” (Ибронийлар 13:13) ҳақида айтгани ажабланарли эмас.

Исо хочда жиноятчининг таҳқирланиши ва шармандалигини бошидан ўтказди. Йўқ, У айбдор эмасди. У гуноҳ иш қилмади. Ҳукм қилинишга лойиқ эмасди. Лекин сиз билан мен ҳукм қилинишга лойиқ эдик, биз айбдор эдик, биз гуноҳ қилгандик. Мен бош официант олдида қандай аҳволда қолган бўлсам, барчамизнинг ҳам аҳволимиз шундай эди – ибодат қилишдан ўзга чорамиз йўқ эди. Исо эса, бош официантдан кўпроқ иш қилди. Ресторан хўжайини ўзининг смокингини ечиб, менга беришини тасаввур қила оласизми?

Исо шундай қилди. Биз кимдандир қолиб кетган, ўлчами мос келмайдиган костюм ҳақида айтмаяпмиз. У Ўзининг чоксиз тоза кийимини таклиф қилмоқда ва менинг мағрурлик, очкўзлик ва худбинлик матоларидан тикилган кийимимни киймоқда (Галатияликлар 3:13). Унинг солиҳлигини кия олишимиз учун У бизнинг гуноҳларимизни Ўзига олди.

Биз хоч олдига гуноҳга бурканган ҳолда келамиз, лекин гуноҳларимизни Унинг севги чопонида (Ишая 59:17) қолдириб, “адолат ва ҳаққонийлик” (Ишая 11:5) камарини тақиб, “нажот либосига” (Ишая 61:10) ўранган ҳолда кетамиз.

Чиндан ҳам, биз Масиҳнинг Ўзига бурканган ҳолда кетамиз. “Сизлар Масиҳга бурканиб олдингиз” (Галатияликлар 3:27).

Унинг сиз учун зиёфат ҳозирлаши етарли эмасди.

Унинг сиз учун жой бўшатиб бериши етарли эмасди.

Сизнинг барча харажатларингизни қоплаб бериш, бу зиёфатга келишингиз учун йўл ҳаққини тўлаш Унинг учун етарли эмасди.

У бундан кўпроғини қилди. Сиз муносиб либосда бўлишингиз учун Ўз либосини кийишингизга рухсат берди.

У буни… фақат сиз учун қилди.

 

“МЕН СЕНИ ЎЗ ҲУЗУРИМГА ТАКЛИФ ҚИЛАМАН”

Азоб-уқубатлардаги Худонинг ваъдаси

 

Исо биз учун янги йўлни очиб берди. У Чодирдаги парда орқали, яъни қурбон қилинган Ўз танаси орқали ҳаёт сари етаклайдиган йўлни очди.

Ибронийлар 10:20

 

Масиҳ туфайли энди ҳаммамиз бир руҳ орқали Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз.

Эфесликлар 2:18

 

Иноятли Худойимизнинг тахтига жасорат билан яқинлашайлик. Шунда У бизга марҳамат кўрсатади, Унинг инояти зарур вақтда бизга ёрдам беради.

Ибронийлар 4:16

 

Оқ уй олдида турган одамни тасаввур қилинг. Яхшиси, ўзингизни Оқ уй олдида турганингизни тасаввур қилинг.

Сиз йўлакда туриб, тўсиқ ва майсазор орқали президент қароргоҳига тикилиб турибсиз. Чиройли кийингансиз: сочлар таралган, оёқ кийимлар тозаланган. Эшик томонга буриласиз. Ўзингизга ишонч ва шахдам қадамлар билан бормоқдасиз. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Сиз президент билан учрашиш учун келдингиз.

У билан муҳокама қиладиган бир қанча юмушларингиз бор.

Биринчидан, уйингиз олдида ўт ўчириш мосламаси бор. Уни бошқа юмшоқроқ рангга бўяшлари учун президент бирон таъсир кўрсата оладими? Қизил – ниҳоятда кўзга ташланадиган ранг.

Кейин дунё бўйича тинчлик борасидаги масала турибди. Сиз тинчлик тарафдорисиз – у тинчлик ўрната оладими?

Ва ниҳоят, коллежда ўқиш пули жуда қиммат. У қизингиз ўқийдиган коллежнинг қабул ҳайъатига қўнғироқ қилиб, нархни бироз туширишларини айта оладими? Эҳтимол, қандайдир ёрдами тегар.

Буларнинг бари арзирли саволлар, тўғрими? Бунга бор-йўғи бир неча дақиқа кетади. Бундан ташқари, сиз унга пишириқлар солинган халтача ҳам олиб келгансиз. У бу пишириқларни биринчи хоним ёки биринчи кучукка ҳам улашиши мумкин. Қўлингизда халта, юзингизда табассум билан дарвозага яқинлашасиз ва соқчига: “Мен президент билан учрашмоқчи эдим”, дейсиз.

У сиздан исмингизни сўрайди, сиз эса айтасиз. У олдин сизга разм солади, кейин рўйхатга қарайди ва “Таклиф қилинганлар рўйхатида сиз йўқ экансиз”, дейди.

“Таклифнома олиш керакми?”

“Ҳа”.

“Уни қандай оламан?”

“Кадрлар бўлими орқали”.

“Уларнинг телефон рақамини бера оласизми?”

“Йўқ, бу мумкин эмас”.

“Унда қандай оламан?”

“Яхшиси, ўзлари сизга қўнғироқ қилишларини кутинг”.

“Лекин улар мени танимайди-ку!

Соқчи елкасини қисиб, дейди: “Унда, улар қўнғироқ қилмаса керак”.

Сиз бўшашиб, орқангизга ўгириласиз ва уйингизга кетасиз. Сиз саволларингизга ҳам, муҳтожликларингизга ҳам жавоб ололмадингиз.

Сиз жуда яқин эдингиз! Агар президент майсазорга чиққанида ва сиз унга қўл силкитганингизда, у сизга жавоб берган бўларди. Сиз унинг тантаналар эшигидан бир неча қадам нарида эдингиз… лекин худди шундай омад билан ундан бир неча чақирим узоқда ҳам бўлишингиз мумкин. Сизларни тўсиқ ва соқчи бир-бирингиздан ажратиб турган эди.

Бундан ташқари, хавфсизлик хизмати, деганлари ҳам бор. Агар сиз қандайдир йўл билан Оқ уйга кирганингизда ҳам улар сизни тўхтатишган бўларди. Хизматчилар ҳам худди шундай қилишарди. У ерда кўплаб тўсиқларга дуч келар эдингиз.

Кўзга кўринмайдиган тўсиқлар ҳақида нима дейиш мумкин?

Вақт тўсиғи. (Президент жуда банд.)

Мақом тўсиғи. (Сиз сиёсий арбоб эмассиз.)

Қоғозбозлик тўсиғи. (Бир қанча расмиятчиликлардан ўтишингиз керак.)

Сиз мураккаб сабоқни ўзлаштирган ҳолда Оқ уйни тарк этасиз. Сизда президент ҳузурига кириш имкони йўқ. Бош қўмондон билан гаплашасизми? Бунинг иложи йўқ. Сиз ўзингиз билан олиб келган тинчлик ҳақидаги, ўт ўчириш мосламасининг ранги ҳақидаги саволларингизни ўзингиз билан қайтариб олиб кетасиз.

Фақат президент сизга илтифот кўрсатсагина, у сизни йўлакда турганингизни кўриб, ҳолингизга ачинса ва хизматчилар бошлиғига: “Пишириқлар солинган халтача ушлаб турган одамни кўраяпсанми? Бориб унга айт, мен у билан гаплашмоқчиман”, демаса, сиз унинг ҳузурига кира олмайсиз.

Агар у шундай кўрсатма берса, барча тўсиқлар йўқолади. Думалоқ хонага соқчилар бошлиғини чақиришади, у соқчини чақиради, соқчи эса сизни. “Биласанми, буни изоҳлаб бера олмайман, лекин Думалоқ хонанинг эшиги сен учун очиқ”.

Сиз тўхтайсиз, ўгириласиз ва қаддингизни ростлаб, бир неча дақиқа олдин сиз учун ёпиқ бўлган худди ўша эшикдан кирасиз. Ўша соқчи. Ўша дарвоза. Соқчилар бошлиғи ҳам ўша. Лекин вазият бошқа. Энди аввал кира олмаган жойингизга киришингиз мумкин.

Бундан ҳам яхшиси, сиз энди аввалги одам эмассиз. Ўзингизни махсус, танланган одамдек ҳис қиласиз. Нима учун? Чунки юқоридаги киши сизни пастда турганингизни кўрди ва сизга йўл очди.

Ҳа, сиз ҳақсиз. Бу ўйлаб топилган ҳикоя. Ҳаммамизга маълумки, гап президентга келганда, сиз ҳеч қандай таклифнома олмайсиз. Лекин Худога келганда эса, пишириқлар солинга халтачангизни олиб, дадил кираверинг, чунки таклифнома аллақачон берилган.

У сизга эътибор берди. У сизни эшитди ва таклиф қилди. Аввал сизни ажратиб турган тўсиқ йўқолди: “Сизлар олдин Худодан узоқда эдингиз, энди эса Исо Масиҳ орқали, Унинг тўкилган қони туфайли Худога яқинлашдингиз” (Эфесликлар 2:13).

Лекин бу қандай бўлиши мумкин? Агар биз президент билан учраша олмасак, қандай қилиб Худонинг ҳузурига кира оламиз? Нима бўлди?

Бир сўз билан айтганда, кимдир пардани кўтарди. Кимдир пардани йиртиб ташлади. Масиҳнинг ўлими орқали сиз билан мен учун эшикни очадиган нимадир содир бўлди. Ўша содир бўлган ҳодиса ҳақида Ибронийларга мактуб йўллаган муаллиф шундай ёзади:

Эй биродарларим, Исо Масиҳнинг қони туфайли энди биз Энг муқаддас хонага дадиллик билан кира оламиз. Чунки Исо биз учун янги йўлни очиб берди. У Чодирдаги парда орқали, яъни Ўз танаси орқали ҳаёт сари етаклайдиган йўлни очди (Ибронийлар 10:19-20).

Бу учта сўз: “парда – Ўз танаси”, деган сўзлар илк бор ўқиётганлар учун портлашга ўхшайди. Муаллифнинг сўзларига кўра, бу парда Исо. Масиҳнинг танаси билан нима содир бўлган бўлса, парда билан ҳам шундай бўлган. Унинг танаси билан нима содир бўлди? Унинг танаси йиртилиб кетган. Қамчи зарбидан ва тиканли тождан йиртилган. Хочнинг оғирлигидан ва ўткир михлардан йиртилган. Лекин Унинг йиртилган танасидан даҳшатга тушиш орқали биз очилган буюк эшикни топамиз.

“Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди-ю, жон берди. Шу заҳоти Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди” (Матто 27:50,51).

Парда – маъбаддаги оддий парда эмасди. Бу парда Энг Муқаддас хонага кираверишда осилган парда эди.

Ёдингизда бўлса, Энг Муқаддас хона маъбаднинг бир бўлаги бўлиб, у ерга ҳеч ким кира олмасди. Сажда қилмоқчи бўлган яҳудийлар маъбаднинг ҳовлисига кириши мумкин эди, Муқаддас хонага эса руҳонийлар кира олардилар. Энг Муқаддас хонага эса, фақат олийруҳоний йилда бир марта кириши мумкин эди. Бошқа ҳеч ким. Нима учун? Чунки Илоҳий улуғворлик, Худонинг улуғворлиги ўша жойда эди.

Агар сизга Оқ уйдаги Думалоқ хонага киришингиз мумкинлигини айтишса, бошингизни чайқаб: “Ҳа, албатта, мени у ерда кутишяпти-ку!”, - деб истеҳзоли кулган бўлардингиз. Ана энди, шу ишончсизлигингизни мингга кўпайтиринг, шунда яҳудийларга кимдир Энг Муқаддас хонага кириши мумкинлигини айтганида, улар ўзларини қандай ҳис қилганликларини англаб етасиз. “Ҳа, албатта, киришимга рухсат беришади!”

Олийруҳонийдан бошқа ҳеч ким Энг муқаддас хонага кира олмасди. Ҳеч ким. Ичкарига кириш – ўлиш, дегани эди. Ҳоруннинг икки ўғли қурбонлик келтириш учун Энг Муқаддас хонага кирганида ҳалок бўлишган (Левилар 16:1,2). Парда аниқ қилиб шундай деган: “Мана шу ергача келиш мумкин, у ёғига мумкин эмас!”

Парда билан ажратилган Энг Муқаддас хона бир ярим минг йил нима ҳақида гапирган? Жавоби оддий. Худо муқаддас…ва биздан ажралган ҳамда бизга қўшилмайди. Ҳатто Мусога шундай айтилган: “Лекин Менинг юзимни кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди” (Чиқиш 33:20). Худо – муқаддас, биз эса гуноҳкормиз, бизнинг орамизда масофа бор.

Бу бизнинг муаммомиз эмасми? Худонинг яхши эканини биламиз. Биз яхши эмаслигимизни ҳам биламиз ва Худодан узоқда эканимизни ҳис қиламиз. Аюбнинг қадимда айтган сўзлари бизга ҳам тегишли: “Иккимиз орамизда ҳакам йўқки, бизни ажрим қилса” (Аюб 9:33).

Энди ҳакам бор! Исо бизни Худодан ажралган ҳолда ташлаб кетмади. Ҳа, Худо муқаддас. Ҳа, биз гуноҳкормиз. Бироқ, Исо бизнинг воситачимиз. “Зеро, ҳаммамизга маълумки, Худо ягонадир, Худо билан инсонлар орасидаги воситача ҳам ягонадир. Бу воситачи Исо Масиҳдир” (1 Тимўтий 2:5). Ахир, воситачи, деб “аъзоларни бирлаштирувчи” одамни айтишмайдими? Худо билан бизнинг орамизда турган парда Исо Масиҳ эмасмиди? Ахир, Унинг танаси йиртилмадими?

Инсониятнинг шафқатсизлигидек кўринган ҳодиса аслида Худонинг иродаси эди. Матто шундай дейди: “Аммо Исо қаттиқ фарёд қилди-ю, жон берди. Шунда (шу заҳоти) Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди” (Матто 27:50,51).

Гўё самовий қўллар шу вақтни кутиб, пардани ушлаб тургандай эди. Парданинг ўлчамига эътибор беринг: баландлиги ўн саккиз метр, эни тўққиз метр. Қачонлардир бу парда бутун бўлган, кейинги лаҳзада эса юқоридан пастгача йиртилиб кетди. Кечиктирилмади. Шу заҳоти юз берди.

Парданинг йиртилиши нимани англатади? Яҳудийлар учун бу Энг Муқаддас хона билан уларнинг ўртасида ҳеч қандай тўсиқ қолмаганини билдиради. Худо билан инсонлар орасида воситачилик қилувчи руҳонийга ҳожат қолмаганди. Гуноҳлар кечирилиши учун қурбонлик келтиришга ҳам ҳожат қолмаганди.

Биз учун-чи? Парданинг йиртилиши биз учун нимани англатади?

Энди исталган кунда, исталган вақтда Худонинг ҳузурига кириш ҳуқуқига эгамиз. Худо бизни Ундан ажратиб турган тўсиқни олиб ташлади. Гуноҳ туфайли тўсқинлик борми? Йўқ. Чунки У пардани олиб ташлади.

Лекин биз яна тўсиқлар қўйишга мойилмиз. Маъбаддаги парда олиб ташланган бўлса ҳам, қалбимизда парда бор. Соатнинг чиқиллаши каби қалбимизда ҳам мунтазам хатолар бўлади. Ҳар доим бўлмаса ҳам кўпинча хатоларимиз бизни Худодан узоқлаштиришига қўйиб берамиз. Бизнинг нопок қалбимиз бизни Худодан ажратиб турувчи пардага айланади.

Натижада эса, биз Устозимиздан қочиб юрамиз.

Бу худди итим Солти қилаётган ишга ўхшайди. У ахлат челагини титиши мумкин эмаслигини билади. Лекин уйда ҳеч ким бўлмаганида Солти қалбининг зулмат босган томони ишга тушади. Агар ахлат челагида емиш бўлса, васвасаси ҳам юқори бўлади. Ит уни топиб, байрам қилишни бошлаб юборади.

Яқинда у шундай қилди. Уйга келганимда у уйда йўқ эди. Ахлат челаги ағдарилиб ётганини кўрдим, лекин Солтини кўрмадим. Аввалига жуда жаҳлим чиқди, лекин тезда ўтиб кетди. Агар мени ҳам кун бўйи уйга қамаб қўйишганида ва итга бериладиган емишдан бошқа емиш бўлмаганида, балки мен ҳам ахлат челакни титган бўлардим. Мен ахлатларни тозалаб, ўз ишим билан банд бўлдим ва бу ҳақда унутдим.

Лекин Солти унутмаган эди. У мендан ўзини олиб қочди. Мен унинг думини қисиб, қулоқларини осилтириб турганини кўрдим. Шунда тушундимки: “Ундан жаҳлим чиқаётгани ҳақида ўйлаяпти. Унинг хатосини тушуниб қолганимни билади”.

Аниқ хулоса қилсам майлими? Худо сиздан ранжимайди. У сизнинг хатоларингизни ҳал қилган.

Қаердадир, қачондир, қандайдир йўл билан сиз ахлат челагини титгансиз ва Худодан ўзингизни олиб қочгансиз. Сиз ўзингиз билан Ота ўртасида гуноҳ пардаси бўлишига йўл қўйгансиз. Яна қачондир У билан яқинликни ҳис қила олишингизга шубҳа қилгансиз. Йиртилган парда сиз буни қила олишингиз ҳақида айтади. Худо сизни таклиф қилмоқда. Худо сиздан қочмайди. Худо сизга қаршилик қилмайди. Парда йиртилди, эшик очилди ва Худо сизни бу эшикдан киришга таклиф қилмоқда.

Виждонингизга ишонманг. Хочга ишонинг. Қон тўкилди ва парда йиртилди. Сиз Худонинг ҳузурига таклиф қилингансиз. Сиз ҳатто пишириқ олиб келишга ҳам мажбур эмассиз.

 

“СЕНИНГ АЗОБИНГНИ ТУШУНАМАН”

Шимгичга ботирилган сиркада Худонинг ваъдаси

 

Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасалли манбаи бўлган Худо марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! Ҳар хил азоб-уқубатларга учраганимизда, Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз. Масиҳга ўхшаб биз қанчалик кўп азоб чексак, Худо бизга Масиҳ орқали шунчалик кўп тасалли беради.

2Коринфликлар 1:3-5

 

Эгамиз халқига тасалли берди, эзилган халқига раҳм қилди.

Ишаё 49:13

 

У ожизликларимизга ҳамдард бўла олади. Ахир, У биз каби ҳар томнлама синалган, лекин бизга ўхшаб гуноҳ қилмаган.

Ибронийлар 4:15

 

Бирон марта сичқонни ҳадиксирамасликка ишонтиришга ҳаракат қилганмисиз? Бирон марта қўрқиб кетган кемирувчини тинчлантира олганмисиз? Агар шундай қила олган бўлсангиз, демак сиз мендан кўра ақллироқ инсон экансиз. Менинг уринишларим зое кетган. Менинг тасалли берувчи сўзларим уларнинг митти қулоқларига кирмади.

Ишонтириб айтаманки, бу кемирувчи яхши муомалага муносиб эмас. У туфайли Деналин қичқириб юборди. Унинг қичқириғидан гараж ларзага келди. Гаражнинг ларзага келишидан кўраётган тушим йўқолди ва аёлим ҳамда ҳудудимни ҳимоя қилиш учун ўрнимдан туришимга тўғри келди. У ерга борганимдан фахрланаман. Мен қаддимни ростлаб, гаражга кирдим.

Сичқонларда ҳеч қандай имконият йўқ эди. Мен каратэ, таэквандо, бразилияча кураш ва бир нечта усулларни биламан. Мен ҳатто ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳақидаги видео роликларни ҳам кўрганман. Сичқонларнинг муносиб рақиби пайдо бўлди.

Бундан ташқари, сичқон ахлат челаги ичига қамалиб қолганди. Челак ичига қандай тушиб қолганини фақат ўзи билар ва бу ҳақда бизга айтмоқчи эмасди. Лекин мен биламан, чунки ундан сўрадим. Жавоб тариқасида у челак тубида янада тезроқ чопа бошлади.

Бу бечора мўйловининг учигача қўрқиб кетганди. Унинг ўрнида, ким ҳам қўрқмасди? Тасаввур қилинг, сиз пластик идиш ичига қамалиб қолдингиз, унинг тешигидан қараб, баҳайбат (майли, чиройли бўлақолсин) кишининг башарасини кўрдингиз. Пишлоқдан кўнглингиз айниши учун шунинг ўзи етарли бўларди.

“Уни нима қиласан?”, - сўради Деналин, дадил бўлиш учун қўлимдан тутиб.

“Ташвишланма, азизам, - жиддий оҳангда жавоб бердим. Жавобимдан у ҳушидан кетай деб қолди, ҳатто Жон Уэйн ҳам бунга ҳавас қилган бўларди. – Бу миттивой билан жуда эҳтиёт бўламан”.

Шундай қилиб, биз – сичқон, челак ва мен бу вазиятдан чиқиш учун юриб кетдик. “Бироз сабр қил, кичкинтой. Тез орада уйда бўласан”. Сичқон менинг гапларини тушунмади. Бизни қатлни ижро этиш учун кетишяпти, деб ўйлаш ҳам мумкин эди. Агар челакнинг қопқоғини ёпиб қўймаганимда, бу махлуқ сакраб чиқиб кетиши мумкин эди. “Сенга ёмонлик қилмайман, - дедим унга. – сени қўйиб юбормоқчиман. Бошингга кулфат тушди, мен эса сенга ёрдам бермоқчиман”.

У эса тинчланмасди. Жим турмасди. У менга ишонмаётган эди. Ҳатто сўнгги лаҳзада, яъни челакни ерга қўйиб, уни озод қилганимда, у орқасига ўгирилиб, менга раҳмат айтдими? Кичкинагина уйига тушликка таклиф қилдими? Йўқ. У шунчаки югуриб кетди. (Менга шундай туюлдими ёки чиндан ҳам эшитдимми, лекин у: “Қочинглар! Қочинглар! Сичқон тутувчи Макс келяпти”, деб бақиргандек туюлди).

Чиндан ҳам, унинг ишончини қозонишим учун нима қилишим керак эди? Сичқонлар тилини ўрганишим керакмиди? Ўзимга мунчоқдек кўзлар ўрнатиб, дум ўстиришим керакмиди? Унинг ёнига, челакка тушишим керакмиди? Йўқ, раҳмат. Сичқон, албатта жуда мулойим эди, лекин жуда у даражада эмас-да.

Сиз билан биз эса бунга муносибмиз.

Инсонниг сичқон қиёфасига киришини бемаънилик, деб ўйлайсизми? Осмондан ерга келишдан кўра, уйингиздан ахлат ташлайдиган жойгача бўлган масофа анча қисқа. Лекин Исо у жойдан шу ерга келди. Нима учун?

Чунки биз Унга ишонишимизни истайди.

Келинглар, ҳаммамиз биргаликда бу ҳақда бир дақиқа мулоҳаза қилиб кўрамиз. Нима учун Исо ер юзида бунча узоқ қолиб кетди? Унинг ҳаёти янаям қисқароқ бўлиши мумкинмиди? У гуноҳларимиз учун ўлишига етарли бўлган қисқа вақтга келиб, яна тезда қайтиб кетса бўлмасмиди? Нима учун бир ҳафта ёки бир йилга келмади? Нима учун бир инсон ҳаётини яшаши керак бўлди? Гуноҳларимизни Ўзига олиши тушунарли, лекин қуёш нурида куйган жойларимизни, томоғимиздаги оғриқларни Ўзига олиши-чи? Ўлимга тоқат қилиши майли, бу ҳаётга кўниб яшаши-чи? Олис йўлларга, узун кунларга ҳамда келишмовчиликларга тоқат қилиши-чи? У нима учун бундай қилди?

Чунки У бизни Унга ишонишимизни хоҳлайди.

Унинг ер юзидаги энг сўнгги қилган иши ҳам сизнинг қалбингизни забт этиш бўлган.

Исо ҳамма ишларини тугатганини биларди. Муқаддас Битиклар бажо бўлсин, деб, У: чанқадим! – деди. Бу ерда арзон шаробга тўла бир идиш турган эди. Аскарлар шаробга шимгични ботирдилар-да, таёқнинг учига илиб, Исонинг оғзига олиб бордилар. Исо шаробни тотиб кўргач: амалга ошди! - деди-ю, бошини эгиб жон берди (Юҳанно 19:28-30).

Исо Ўз ҳаётида охирги қилган иш шу эди. Унинг ердаги ҳаётда қилган сўнгги амали – чанқаган инсоннинг ҳислари билан тўлганди.

“Менга ишонишинг мумкин”.

Исо. Лаблари ёрилиб, оғзи ва томоғи шунчалик қуриб қолганидан, ютина олмади. Овози ҳириллаб қолганидан аранг гапирарди. Уни ташналик қийнарди. Унинг лабларига охирги марта қачон сув текканини билиш учун ўн икки соат ортга – болохонадаги кечки овқат пайтига қайтиш керак. У косани шогирдларига узатганидан сўнг Уни уришди, Унга туфлашди, қўллари билан уриб, қамчи билан савалашди. У хоч ва гуноҳни кўтариб борди. Бир томчи ҳам сув ичмади. Ташналикдан силласи қуриди.

Бу ҳолатдан чиқиш учун нега ҳеч нарса қилмади? Ёки қўлидан келмасмиди? Ахир, У сувни шаробга айлантирмаганмиди? Иордан дарёсига тўсиқ қўйган, Қизил денгиз сувларини иккига ажратган У эмасмиди? У бир оғиз сўзи билан довул ҳамда тўлқинларни тинчитмаганми? Каломда, У ҳақда: “саҳрони кўлга айлантирар” (Забур 106:35), “қояни сув ҳовузига айлантирган” (Забур 113:8) деб ёзилмаганми?

Худо: “Чанқоқ ерга сув бераман” (Ишаё 44:3) демаганми?

Агар шундай бўлса, нима учун Исо ташналикдан силласи қуриди?

Бу саволлар ёнига яна бир нечтасини қўшинг:

Самария йўлида У нима учун чарчади (Юҳанно 4:6) ?

Носирада нима учун ажабланди? (Марк 6:6),

Маъбадда нима учун ғазабланди? (Юҳанно 2:15)?

Жалила денгизида кетаётганларида нима учун қайиқда ухлаб қолди (Марк 4:38)?

Нима учун Лазарнинг қабри олдида кўз ёш тўкди (Юҳанно 11:35)?

Нима учун саҳрода оч қолди (Матто 4:2)?

Нима учун? Нима учун У хочда ташналикдан силласи қуриди?

У ташналикдан қийналмаслиги мумкин эди. Ҳеч бўлмаганда, бунчалик қийналмаса бўларди. Олти соатлар олдин Унга шароб таклиф қилишди, лекин У рад қилди.

Аскарлар Исони Гўлгота деган жойга олиб келишди. Гўлгота “бош суяги” маъносини беради. Исога мирра аралаштирилган шароб беришди, лекин У ичмади. Бундан сўнг Исони хочга михлаб қўйишди. Унинг кийимларини эса ўзаро бўлишиб, ким нима олади, деб қуръа ташлашди (Марк 15:22-24).

 

Биринчи михни қоқишдан олдин Унга шароб беришди. Маркнинг айтишича, шаробга мирра аралаштирилган эди. Матто эса, шаробга сафро қўшилган, деб ёзган. Мирра ҳам, сафро ҳам ҳисларни ўлдириб, оғриқ қолдириш хусусиятига эга. Лекин Исо уларни рад қилди. У бу оғриқ қолдирувчи воситалар туфайли ҳисларини йўқотишни истамади ва барча азобларини тўлиқ ҳис қилишни афзал кўрди.

Нима учун? Нима учун У буларнинг барига тоқат қилди? Чунки У сизлар ҳам буни бошингиздан ўтказишингизни билган.

Сизлар ҳам ўзингизда чарчоқни, ташвишни, ғазабни ҳис қилишингизни билган. Тушларингиз сизни қийнашини, қайғудан қалбингиз пора бўлишини ва оч қолишингизни билган. Касалликка учрашингизни ҳам билган. Жисмингиз билан бўлмаса ҳам қалбингиз қаттиқ оғришини, ҳеч қандай дори ёрдам бермаслигини билган. Ташналикда қолишингизни ҳам билган. Сувга ташналик бўлмаса ҳам ҳақиқатга ташна бўласиз. Исонинг ташналигидаги биз англаб етган ҳақиқат шуки, У бизни тушунади.

У бизни тушунгани учун ҳам биз Унинг ҳузурига кела оламиз.

У бизни тушунмаганида бу бизни Ундан узоқлаштирмасмиди? Тушунмаслик бизни бошқалардан узоқлаштирмасмиди? Тасаввур қилинг, сизда пул билан муаммо пайдо бўлди. Сизга ҳамдард бўладиган дўстнинг маслаҳатига муҳтожсиз. Миллиардернинг ўғли ёнига борасизми? (Ёдингизда бўлсин, сизга ҳамдардлик керак, садақа эмас). Ёки мерос олган одамнинг ёнига борасизми? Менимча, йўқ. Нима учун? Чунки у сизни тушунмайди. Эҳтимол, у ҳеч қачон сизнинг вазиятингизга тушмаган, шунинг учун сиз нималарни ҳис қилаётганингизни тушуна олмайди.

Исо эса буни тушунади. У сизнинг ўрнингизда бўлган ва нималарни ҳис қилаётганингизни тушунади. Агар Унинг ер юзидаги ҳаёти сизни ишонтира олмаса, Унинг хочдаги ўлими сизни ишонтириши керак. Нималарни бошдан ўтказаётганингизни У тушунади. Раббимиз бизга юқоридан қараб, муҳтожликларимиз устидан кулмайди. У “ҳаммага сахийлик билан, беминнат беради” (Ёқуб 1:5). Лекин У буни қандай қилади? Ибронийларга мактубнинг муаллифидек ҳеч ким буни очиб беролмаган. Исо бизнинг барча заифликларимизни тушунади, чунки У биздан кўра кўпроқ васвасага солинган. Лекин гуноҳ қилмаган! Шунинг учун, ҳар гал муҳтожликда қолганимизда иноятли Худойимизнинг тахти олдига жасорат билан келишимиз керак. Шунда У бизга марҳамат кўрсатади ва биз ёрдам оламиз (Ибронийлар 4:15,16 га қаранг).

Нима учун Исони ташналик қийнади? У бизни тушунишини билишимиз учун. Курашаётган барча инсонлар Унинг “Менга ишонишинг мумкин”, - деган даъватини эшитиши учун.

Сирка ёки шимгич ҳақидаги парчада ишонч деган сўз учрамайди, лекин ишонишимизни енгиллаштирадиган иборани топа оламиз. Олдинги ибораларга қаранг: Битиклар амалга ошиши учун Исо “чанқадим” деди (Юҳанно 19:28 га қаранг). Юҳанно бу оятда Исонинг сўзлари ортида турган сабабга ишора қилмоқда. Раббимиз Битикларни амалга ошириш билан банд эди. Битикларни амалга ошириш - Масиҳнинг азоб-уқубатларида такрорланувчи ҳодисадир. Қуйидаги рўйхатлар ҳақида ўйлаб кўринг:

Яҳудонинг хоинлиги: “Муқаддас Битикларда айтилгани бажо бўлиши учун” (Юҳанно 13:18; 17:12)

Мато учун қуръа ташлаймиз: “…Муқаддас битиклардаги қуйидаги сўзлар бажо бўлди: кийимларимни улар ўзаро бўлишган, либосим учун қуръа ташлашган” (Юҳанно 19:24)

Масиҳнинг суяклари синмади: “Муқаддас битиклар айтилганлари бажо бўлсин: Биронта ҳам суяги синмайди” (Юҳанно 19:36)

Муқаддас битикларда айтилган қуйидаги сўзлар бажо бўлиши учун, Исонинг биқинига найза санчишган: “Улар ўзлари найза санчган Одамга қарайдилар” (Юҳанно 19:37).

Юҳанно айтадики, бўм-бўш қабрни кўриб, шогирдлар ҳайратга тушдилар, чунки “Улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар” (Юҳанно 20:9).

Каломда нима учун бу сўзлар такрор ва такрор келяпти? Нима учун Исо Ўзининг сўнгги нафасида башоратнинг амалга ошганини билдирди? Чунки У шубҳа қилишимизни билган. Биз ишонмаслигимизни билган. Унинг севгиси қалбимизга етиб бормасдан онгимизда қолиб кетишини истамагани учун Ўзининг Масиҳ эканига далил сифатида Ўзининг сўнгги нафасидан фойдаланди. У қадимда айтилган башоратни узил-кесил амалга оширди.

Бу фожеадаги ҳар битта муҳим майда ҳолат ҳам – аввалдан ёзилган эди:

яқин дўстига содиқ эди (Забур 40:19);

Ундан хафа бўлганлари учун дўстлари Уни ташлаб кетади (Забур 30:12);

Ноҳақ айбланади (Забур 34:12);

Ҳакамлар олдида жим турди (Ишаё 53:7);

Айбсиз деб тан олинган (Ишаё 53:9);

Гуноҳкорлар қаторида саналган (Ишаё 53:12):

Хочга михланган (Забур 21:17);

Ўткинчилар томонидан таҳқирланган (Забур 108:25);

Қутулишнинг иложсизлигини айтиб масхара қилишган (Забур 21:8,9);

Кийимлари учун қуръа танланган (Забур 21:19);

Душманлари учун ибодат (Ишаё 53:12);

Худо Уни тарк этган (Забур 21:2);

Руҳини Отанинг қўлига топширган (Забур 30:6);

Суяклари синмайди (Забур 33:21);

Бой одамлар ёнига дафн қилинади (Ишаё 53:9).

 

Масиҳ Ўз ҳаёти давомида Эски Аҳднинг 332 та башоратини амалга оширганини биласизми? Математик нуқтаи назаридан, бир инсоннинг ҳаётида шунча башоратнинг амалга оширилиш эҳтимоли қанча?

1:840 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 000 (Тўқсон еттита нольдан иборат сон келиб чиқади!) Қойил!

Нима учун Исо чанқаганини хочда маълум қилди? Шубҳа қилувчи одам ўтиши мумкин бўлган мустаҳкам кўприкка яна битта тахта қўйиш учун. Чанқаганини маълум қилиши – Уни қидираётганлар учун белги эди, чунки У – Масиҳдир.

Унинг энг охирги амали – эҳтиёткор инсонлар учун иноятли сўзларидир: “Менга ишонишинг мумкин”.

Ишонишимиз мумкин бўлган инсонга муҳтож эмасмизми? Ишона олишимиз учун ўзимиздан юқорироқ мавқега эга инсонга муҳтож эмасмизми? Тушунишларини истаб, бу оламдаги инсонларга ишонишдан чарчамадикми? Далдага муҳтож бўлганимизда ерга оид нарсаларга ишонишдан чарчамадикми? Чўкаётган денгизчи бошқа чўкаётган денгизчини ёрдамга чақирмайди. Маҳбус озодликка чиқаришини сўраб бошқа маҳбусга ялинмайди. Фақир киши бошқа фақир кишидан садақа сўраш бемаънилик эканини яхши билади. У ўзидан кўра кучлироқ кимсага муҳтож эканини билади.

Исонинг сиркага ботирилган шимгич билан боғлиқ парчадаги хабари шундай: “Ўша Шахс Менман. Менга ишон”.

 

“МЕН СЕНИ ОЗОД ҚИЛДИМ ВА СЕНИ ҲИМОЯ ҚИЛАМАН”

Қон ва сувдаги Худонинг ваъдаси

 

Масиҳ “гуноҳлар учун ягона қурбонлик келтириб, биттагина қурбонлик орқали то абад баркамол қилди”.

Ибронийлар 10:12,14

 

Ҳақиқий севги бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир. У бизни гуноҳларимиздан поклаш учун Ўз Ўғлини юборди.

1Юҳанно 4:10

 

Биз шундай аҳволдамизки, фақатгина тўлиқ ва бекаму-кўст ўрин алмашиш, яъни биз учун Худо Ўз бўйнига олиши орқали абадий ўлимдан қутулиб, абадий ҳаётга ўтишимиз мумкин.

Карл Барт

 

Гарчи гуноҳкорлар учун Масиҳ Ўз ишини аллақачон қилиб бўлган бўлса ҳам гуноҳкорлар ҳали буни адо этмаган.

Дональд Г. Блоэш

 

Газетанинг бу ҳафтадаги спорт янгиликлари бўлимида менинг номим ҳам бор. Уни топиш учун диққат билан қарашингиз керак бўлади, лекин аниқ бор. Сешанба куни чиққан нашрнинг тўртинчи саҳифасида Техасдаги гольф мусобақасининг очилиши ҳақидаги мақоланинг сўнгида менинг исмим келтирилган. Тўлиқ исмим ўнта ҳарфдан иборат.

Ҳаётимда биринчи марта шундай бўлди. Газеталардаги бошқа мавзуларда турли сабаблар билан исмим тилга олинарди, уларнинг айримларидан фахрлансам, айримлари унча ёқмасди. Лекин спорт янгиликлари бўлимида илк бор исмим тилга олинди. Бунга қирқ йил умрим кетди, бироқ охир-оқибатда бунга эришдим.

Илк спорт мукофотим ҳам шу эди. Ўрта мактабда ҳам бир марта мукофотга яқин келганман, ўшанда диск улоқтириш бўйича еттинчи ўринни олганман. Лекин соврин олтита ўрин учун берилган, шунинг учун менга соврин насиб қилмаган. Ҳаётим давомида бир неча бор турли мукофотлар олганман, лекин уларнинг биронтасининг ҳам спортга алоқаси йўқ эди. Кечаги кунгача албатта. Бу менинг биринчи спорт мукофотим.

Ҳаммаси шундай содир бўлди. Дўстим Бадди – очиқ мусобақалар ўтказиладиган гольф майдонининг, Техасдаги профессионал гольф ўйинчилари Уюшмасининг директори. У мендан ҳар йили ўтказиладиган гоьф мусобақасида қатнашишимни сўради. Бу мусобақада профессионал ўйинчилар ҳам, менга ўҳшаган ҳаваскорлар ҳам қатнашади. Мен уч сония ўйлаб туриб, рози бўлдим.

Мусобақанинг қоидаси одиий. Ҳар бир жамоада битта профессионал ва тўртта ҳаваскор ўйинчи бўлади. Ҳар бир ҳаваскор ўйинчига энг паст очко ёзилади. Бошқача айтганда, агар шерикларимдан биттаси яхши натижа кўрсатса, менга ҳам очко ёзилади. Агар аниқ ҳаракат қилинса, ўн саккизта ҳолатдан ўн еттитасида очко олиш мумкин.

Бундай ўйиндан роҳатланасиз. Оддий ўрани мисол қилиб олайлик. Мен бу ўрада саккиз очко олдим, Бадди ёки бошқа йигитлар уч очко олди. Неча очко ёзишларини топинг-чи? Уч очко! Макснинг саккиз очкоси унутилади ва Баддининг уч очкоси ёзилади. Бунга кўникиш қийин! Шу жамоада бўлганим учунгина қайсидир яхши ҳаракат учун мен ҳам олқишларга сазовор бўлдим. Масиҳ ҳам сизлар учун худди шундай қилмаганми? Душанба куни жамоа менга қилганини Раббимиз ҳафтанинг ҳар бир кунида сизлар учун қилмоқда. Унинг қилган иши туфайли ҳар бир кунингизни қойилмақом ҳисоб билан якунлаяпсиз. Бир нечта коптокчалар четга учиб кетгани ёки сувга тушиб кетганининг аҳамияти йўқ. Аҳамиятлиси шуки, сиз ўйинга келдингиз ва тўрт ўйинчининг бири бўлиб, ўйинга қўшилдингиз. Бу ҳолатда сизнинг тўрт кишилик жамоангиз анча кучли бўлади: бу жамоа – Ота, Ўғил, Муқаддас Руҳ ҳамда сиз. Бундан яхши жамоа мавжуд эмас.

Бундай ҳолатни тасвирлаш учун энг муносиб атама – муқаддаслик мавқеи. Аниқроқ айтганда, сизга совғани қилган ишингиз учун эмас, балки билган инсонингиз учун беришади.

Иккинчи сўзнинг ифодасини ҳам гольф ўйинида кўриш мумкин. (Калламда нима бор ўзи – илоҳийликни гольф ўйинидан қидирсам?). Сиз бу ўйинда нафақат муқаддаслик мавқеини, балки битмас-туганмас муқаддаслик ифодасини ҳам яққол кўрасиз.

Менинг ютуғим ёдингиздами? Ўн саккизта ўрадан биттаси. Битта ўрада мен керакли натижага эришгандим. Мен олган натижа ҳисобга олиниб, жамоамга ғалаба келтирган эди. Қайси ўрада яхши натижа кўрсатганимни топишни истайсизми? Охирги ўрада. Ютуқларим унчалик кўп бўлмаса ҳам ҳар бир ўрада янада яхшироқ уддалардим. Бадди менга айтиб турди ва гольф таёғини қандай ушлаш кераклигини ўргатди, ниҳоят омадим келди. Секин-аста яхшироқ ўйнайдиган бўлдим.

 

Биз Баддининг очколари ҳисобига соврин олдик. Баддининг ёрдами билан натижаларимни яхшилаб олдим.

Муқаддаслик мавқеи Масиҳнинг сиз учун қилган ишлари орқали келади.

Битмас-туганмас муқаддаслик эса Масиҳнинг сизда қилган ишлари орқали келади.

Иккала муқаддаслик ҳам Худонинг инъомлари ҳисобланади.

“Масиҳ биттагина қурбонлик орқали гуноҳдан покланган одамларни то абад баркамол қилди” (Ибронийлар 10:14). Вақтдаги чалкашликни кўряпсизми? “У покланган (муқаддаслик мавқеи) одамларни то абад баркамол (битмас-туганмас муқаддаслик) қилди”.

Муқаддаслик мавқеи ва битмас-туганмас муқаддаслик. Худонинг биз учун қилган ишлари ва Худонинг бизда қилган ишлари. Биринчисини кўздан қочирсангиз – қўрқоққа айланасиз. Иккинчисини кўздан қочирсангиз – дангаса бўласиз. Иккаласи ҳам муҳим, иккаласини ҳам Масиҳнинг хочи ёнидаги нам ерда кўриш мумкин. Келинглар, иккаласини ҳам диққат билан ўрганиб чиқамиз.

Худонинг биз учун қилган ишлари.

Каломда ёзилган парчага қулоқ солинг. “Аскарлардан бири Исонинг биқинини найза билан тешди, шу заҳоти Унинг биқинидан қон ва сув оқиб чиқди” (Юҳанно 19:34). Ҳатто Каломни ўрганувчи тажрибасиз киши ҳам қон билан раҳм-шафқат ўртасидаги боғлиқликни кўра олади. Одам Ато ўғиллари давридан буён Худога сажда қиладиган барча инсонлар “қон тўкилмасдан кечирим бўлмаслигини” билишади (Ибронийлар 9:22).

Ҳобил бу ҳақиқатни қандай билганини тахмин қилиш қолди, холос, лекин қандайдир йўл билан у ибодат ҳамда ҳосилдан кўра кўпроқ нарса таклиф қилиш кераклигини англаб етган. У қалби ва истакларидан ҳам кўпроқ нарса бериши кераклигини, қон тўкилиши кераклигини билган. У даласидан маъбад, ердан қурбонгоҳ сифатида фойдаланиб, кейинроқ миллионлаб инсонлар қилган ишни биринчи бўлиб амалга оширди. У гуноҳлар учун қонли қурбонлик келтирди.

Унга эргашганлар узун навбат ҳосил қилдилар: Иброҳим, Мусо, Гидеон, Шимшўн, Шоул, Довуд… Улар гуноҳлар кечирилиши учун қон тўкиш кераклигини билишарди. Ёқуб ҳам буни биларди, шунинг учун тошлардан қурбонгоҳ қурган. Сулаймон ҳам билган ва маъбад қурган. Ҳорун ҳам билган, шунинг учун руҳонийлик ташкил қилинди. Хаггей ва Закариё ҳам буни билган, шунинг учун маъбадни қайта тиклашган.

Лекин бу навбат хочда ўз якунини топди. Ҳобил эришмоқчи бўлганини Худо Ўз Ўғли ёрдамида амалга оширди. Ҳобил бошлаган ишни Масиҳ якунига етказди. Унинг ўлимидан сўнг қурбонлик қилишга ҳожат қолмади, чунки Масиҳ келган ҳайр-баракаларнинг Олий руҳонийси бўлди (Ибронийлар 9:11).

Исонинг ўлимидан кейин қон тўкишга зарурат қолмади. Масиҳ Энг муқаддас хонага такалар ва буқаларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони эвазига кирди… “ва бизни то абад гуноҳлардан озод қилди” (Ибронийлар 9:12).

Худонинг Ўғли Худонинг қурбонлик Қўзиси бўлди, хоч эса қурбонгоҳ. “Исо Масиҳнинг танасини ягона қурбонликка келтирилиши орқали биз гуноҳлардан покландик” (Ибронийлар 10:10).

Тўланиши лозим бўлган қарзлар тўланди. Қилиниш керак бўлган ишлар қилинди. Бегуноҳ қон керак эди ва бу қон бир куни ва сўнги марта тўкилди. Бу сўзларни қалбингизнинг тубида сақланг. Бир куни ва сўнги марта.

Бошланғич синф ўқитувчисига ўхшаб қолсам ҳам, оддий савол билан сизларга мурожаат қилмоқчиман. Агар бир куни ва сўнги марта қурбонлик қилинган бўлса, яна қурбонлик қилиш зарурми?

Албатта, йўқ. Сиз муқаддаслик мавқеига эгасиз. Жамоамнинг ютуқларига мен ҳам алоқадор бўлганимдек, Масиҳнинг қони амалга оширганлари сизга ҳам алоқадор.

Устозимнинг кўрсатмалари туфайли кўникмаларим мукаммаллашгани каби Исо билан мунтазам ва яқин муносабатда бўлиш орқали сизнинг ҳаётингиз ҳам мукаммал бўлиб боради: Биз учун ҳаммаси бажариб бўлинган, лекин биздаги битмас-туганмас ишлар ҳали давом этмоқда.

Агар Унинг биз учун қилган иши қонни билдирса, унда сув нимани билдиради? Тўғри топдингиз.

Унинг биздаги ишини.

Исонинг самариялик аёлга айтган сўзлари ёдингиздами? “Мен берадиган сув ўша одамнинг вужудида булоққа айланиб, то абад сари жўшиб оқади” (Юҳанно 4:14). Исо бир қултум сув эмас, бутун бошли қудуқ таклиф қилмоқда! Бу қудуқ – орқа ҳовлингиздаги ўра эмас, балки юрагингиздаги Худонинг Муқаддас Руҳидир.

Муқаддас битикларда айтилганидек, Менга ишонган одамнинг ичида ҳаётбахш сув дарё бўлиб оқади. Исо шундай деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутган эди. Унга ишонганлар Руҳни қабул қилишлари керак эди. Лекин Руҳ ҳали берилмаган эди, чунки Исо ҳали улуғланмаган эди (Юҳанно 7:38-39).

 

Бу оятда айтилган сув бизда амал қиладиган Исонинг Руҳини англатади. Бу Руҳ бизни қутқариш учун амал қилмайди, ишонинг, бу аллақачон қилиб бўлинган. Бу Руҳ бизни ўзгартириш учун амал қилади. Бу жараённи Павлус шундай ифодалайди:

Худонинг олдида қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. Зотан, Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учун сизларга куч ва хоҳиш беради (Филиппиликлар 2:12,13).

 

“Қутқарилганлигимиз” (қоннинг иши) натижасида биз нималар қиляпмиз? Биз чуқур эҳтиром билан Худога қулоқ солиб, Унга маъқул келмайдиган ишларни қилишдан узоқлашяпмиз. Амалда эса бу яқинларимизни севишимизни ва ғийбатдан қочишимизни билдиради. Солиқларни тўлашда ғирромлик қилмаймиз, турмуш ўртоғимизга хиёнат қилмаймиз, севиш қийин бўлган инсонларни севиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишларни қиламиз. Биз буларни нажот топиш учун қиламизми? Йўқ. Бу яхши ишлар нажот топганлигимиз ортидан пайдо бўлади.

Никоҳда ҳам ҳудди шундай бўлади. Келин ва куёв турмушларининг биринчи кунидаёқ кўп йиллик келин-куёв бўлиши мумкинми? Ваъдалар берилди, никоҳ қоғозига имзо қўйилди – ўша лаҳзада улар кўп йиллик келин-куёв бўла оладиларми?

Эҳтимол, бўлар. Уларни эллик йилдан кейинги ҳолатини тасаввур қилинг. Тўртта фарзанди бор, уч марта кўчишган, кўп қийинчиликларни ва ғалабаларни кўришган. Ярим аср бирга яшаб, сўзларини якунлашади ва бир-бирларининг севимли таомларига буюрма қилишади. Бир қанча вақтдан кейин уларнинг кўринишлари ҳам бир хил бўлиб қолади (бу фикр Деналинни ташвишга солади). Тўй кунига қараганда, эллик йиллик юбилейларини нишонлаётган кунда улар кўп йиллик келин-куёв бўлишлари мумкинми?

Лекин бошқа томондан, улар буни қандай уддаладилар? Никоҳ қоғози мукаммалроқ бўлиб қолмади. Ҳа, лекин муносабатлар анча улғайди, мана фарқи нимада. Улар меҳробдан узоқлашганларида расман бир-бирларига яқин бўлиб қолмади. Лекин уларнинг муносабатлари бутунлай ўзгарди.

Никоҳ – бу келишув, сиз буни аллақачон қилгансиз, яна ҳар кунлик ривожланиш, буни ҳозир ҳам қиляпсиз.

Бу бизнинг Худо билан муносабатимизга ҳам тегишли. Илк нажот топган кунингизда кўп йил олдин нажот топган инсондек бўласизми? Йўқ. Лекин инсон нажотда улғайиши мумкинми? Шубҳасиз. Нажот ҳам худди никоҳдек, келишув ва ҳар кунлик ривожланиш ҳисобланади.

Қон – Худонинг биз учун қурбонлиги.

Сув – Худонинг биздаги Руҳи.

Бизга униси ҳам буниси ҳам керак. Буни билишимизни Юҳанно жуда хоҳлаган. Нима оқиб чиққанини билишнинг ўзи етарли эмас; қандай оқиб чиққанини ҳам билишимиз керак: “Шу заҳотиёқ қон ва сув оқиб чиқди” (Юҳанно 19:34). Юҳанно улардан бирини иккинчисидан устун қўймади. Бироқ биз шундай қиламиз.

Айримлар қонни тан олишади, лекин сувни унутиб қўйишади. Улар қутқарилишни исташади, лекин ўзгаришни исташмайди.

Бошқалар эса, сувни тан олишади, лекин қонни унутиб қўйишади. Улар Масиҳ учун меҳнат қилишади, лекин ҳеч қачон Масиҳдаги тинчликка эга бўлишмайди.

Сиз-чи? Улардан фақат биттасини тан олишга мойил эмасмисиз?

Ўзингизни етарли даражада нажот топган, хизмат қилмасангиз ҳам бўлаверади, деб ўйлайсизми? Шунақаси ҳам бўладими, жамоангизнинг ғалабасидан қувонасиз, лекин майдонга чиқмайсиз? Агар шундай бўлса, ижозатингиз билан бир савол берай. Нима учун Худо сизни тирик қолдирди? Нима учун нажот топган кунингиздаёқ сизни Осмонга олиб кетмади? Гап шундаки, сиз билан биз аниқ мақсад учун бу ердамиз, бу мақсад хизматимиз орқали Худони улуғлашдир.

Ёки бунинг тескарисига мойилмисиз? Эҳтимол, сиз қутқарилмай қолиб кетишдан қўрқиб хизмат қиларсиз. Эҳтимол, жамоангизга ишонмассиз. Сизнинг очколарингизни ёзиб бораётган яширин қоғоз борлигидан ташвиш қилаётгандирсиз. Шундайми? Агар шундай бўлса, билингки: сизни қутқариш учун Исонинг қони етарли.

Яҳё чўмдирувчининг сўзларини юрагингизга муҳрлаб олинг. Исо – “Дунёнинг гуноҳларини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси” (Юҳанно 1:29). Исонинг қони гуноҳларингизни ёпмайди, гуноҳларингизни яширмайди, уларни сақлаб қўймайди ва камайтирмайди. Унинг қони сизнинг гуноҳларингизни бутунлай ювиб кетади.

Исо сизнинг хатоларингиз Унинг мукаммаллиги ичра йўқолиб кетишига имкон беради. Мен тўрт ўйинчидан иборат жамоам билан совринимизни олиш учун гольф клуби биносида кутиб турганимда менинг хатоимни биладиган жамоам менга ҳеч нима демади.

Биз ҳам Самода ўз мукофотимизни олиш учун Тахт олдига келганимизда фақат битта Зот бизнинг барча гуноҳларимиздан хабардор бўлади, лекин У сизни ноқулай аҳволга солмайди – чунки У аллақачон сизни кечирган.

Шунинг учун, эй дўстим, ўйиндан роҳатланинг, мукофотингиз кафолатланган.

Лекин коптокни уришни ўрганиш учун Устозингиздан ёрдам сўрасангиз, яхши бўларди.

 

“СЕНИ ТО АБАД СЕВАМАН”

Худонинг хочдаги ваъдаси

 

Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин.

Юҳанно 3:16

 

Ахир, Худо бизни Масиҳ орқали оқлаш учун бегуноҳ Масиҳни гуноҳкорни жазолагандай, жазолади.

2Коринфликлар 5:21

 

Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр-муҳаббатини намоён қилди.

Римликлар 5:8

 

Ҳақиқий севги бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир. Зеро, Худо бизни гуноҳларимиздан поклаш учун Ўз Ўғлини қурбон қилди.

1Юҳанно 4:10

 

Одамлар кўпинча мендан шарифимни қандай тўғри талаффуз қилишни сўрашади. ЛЮ-ка-до ёки ЛУ-ка-до? Қўшиқдаги сўзлар ёдингиздами? “Кимдир “картошка” дейди, кимдир “картишка”. Менинг шарифимни ҳам шундай куйга солса бўлади: “Кимдир “ЛЮ-кадо” дейди, кимдир “ЛУ-кадо”. Расмиятчилик учун “ЛУ-кадо” бўла қолсин.

(Албатта, биз хато қилишимиз мумкин. Билли Грэм Сан-Антониога келганида, менга Макс ЛЮ-кадо, деб мурожаат қилган. Модомики, Билли Грэм ЛЮ-кадо деган экан, демак шундай бўлиши керак, деб ўйладим.)

Шарифларни нотўғри талаффуз қиладиган бир қиз бир қанча ноқулай вазиятларни келтириб чиқарди. Улардан энг эътиборлиси, жамоатим аъзоларидан бирини кўриш учун унинг идорасига борганимда юз берди. Унинг ҳамкасблари орасидан бир қиз мени таниб қолди. У бизнинг жамоатимизга келган ва китобларимдан бир нечтасини ўқиб чиққан эди. “Макс ЛЮ-кадо! – ҳайқириб юборди у. – Сиз билан учрашишни шунақанги истардим!”

Ҳали у билан яхши танишмасдан туриб, хатосини тўғрилаш ноқулай бўлди, шунинг учун жилмайиб, у билан саломлашдим. Ҳаммаси шу билан тугайди, деб ўйлаган эдим. Лекин бу бошланиши эди. У мени ҳамкасблари билан таништирмоқчи бўлди. Шунинг учун йўлак бўйлаб юрдик ва ҳар гал мени ким биландир таништирганида шарифимни нотўғри талаффуз қилди. “Салли, бу киши Макс ЛЮ-кадо”. “Жо, бу киши Макс ЛЮ-кадо”. “БОБ, бу Макс ЛЮ-кадо”. “Том, бу Макс ЛЮ-кадо”. Мен жилмайиб, қўл сиқиб қўярдим, лекин хатосини тўғрилаш учун гапини бўла олмасдим. Ниҳоят, олти марта нотўғри талаффуз қилганидан кейин эътибор бермасликнинг иложи қолмади. Агар хатосини тўғриласам, у уялиб қоларди. Шунинг учун тилимни тишладим.

Лекин охири қўлга тушдим. Охирида, бу қиздан ҳам абжирроқ йигитни учратдик. “Сизни кўрганимдан хурсандман, - деди у, хонага киришимиз билан. – Ўтган якшанбада рафиқам билан жамоатингизга борган эдик. Ўшандан бери сизнинг шарифингизни қандай талаффуз қилиш кераклигини ўйлайман: ЛУ-кадо ёки ЛЮ-кадо?” Мен қўлга тушган эдим. Агар тўғрисини айтсам, қиз уялиб қолади. Алдасам, йигитни чалғитган бўламан. Қизга раҳм-шафқат, йигитга эса тўғри жавоб керак эди. Мен қизга нисбатан меҳрибон, йигитга нисбатан эса ростгўй бўлишни истардим, лекин буни бир вақтнинг ўзида қандай қилиш мумкин? Ҳеч қандай. Шунинг учун ёлғон гапирдим. Умримда биринчи марта шундай жавоб бердим: “ЛЮ-кадо. Менинг шарифим -ЛЮ-кадо”.

Аждодларим мени кечиришсин!

Лекин бу тасодифнинг ҳам ўзига яраша аҳамияти бор эди. Бу вазият Худонинг табиати билан танишиш имконини беради. Ақл бовар қилмайдиган улкан даражада Худо ҳам инсоният билан худди мен ўша қиз билан тушган ҳолатга тушади. Қандай қилиб У бир вақтнинг ўзида ҳам адолатли, ҳам иноятли бўла олади? Қандай қилиб У бизга ҳам ҳақиқатни, ҳам меҳр-шафқатни кўрсата олади? Қандай қилиб У гуноҳни маъқулламаган ҳолда гуноҳкорни халос қилади?

Муқаддас Худо бизнинг гуноҳларимизни сезмай қолиши мумкинми? Иноятли Худо хатоларимиз учун бизни жазолаши мумкинми? Бизнинг нуқтаи назаримиз билан қараганда, иккита бир хил ёқимсиз хулоса мавжуд. Лекин Унинг назари билан қаралса, учинчи жавоб ҳам бор. У “Масиҳнинг хочи” деб аталади.

Хоч. Хоч мавжуд бўлмаган жойни топиш мумкинми? Уни черков пештоқида ҳам, тобут устида ҳам, узук ёки занжирга илинганини ҳам кўриш мумкин. Хоч – масиҳийликнинг универсал рамзидир. Ғалати танлов, тўғрими? Азоблаш воситаси умид ҳаракатининг ўзига хос тимсолига айланишининг ўзи ғалати. Бошқа динларнинг рамзлари анча қувноқроқ: Довуднинг олти бурчакли юлдузи, исломдаги ярим ой шакли, буддизмдаги лотус гуллари. Масиҳийликда эса – хоч. Азоблаш воситаси.

Кичкинагина электр курсини бўйнингизга осиб юрган бўлармидингиз? Деворингизга ялтироқ дорни осиб қўйган бўлармидингиз? Ташриф қоғозингизга отилаётган милтиқ суратини чиздирган бўлармидингиз? Лекин хоч билан буларни қиламиз. Айрим одамлар ибодат қилаётганларида ҳатто пешонаси, қорни ва икки елкасига қўлларини теккизиб, хоч рамзини ифода қилишади. Ибодат қилишда кунданинг рамзини ифода қилган бўлармидингиз? Пешона, қорин ва икки елкага қўл теккизиб сиғиниш ўрнига кафтингизга каратэчининг зарбасини чиздирган бўлармидингиз? Буларнинг биронтаси хочдек таъсир бермайди, тўғрими?

Нима учун хоч имонимизнинг рамзи ҳисобланади? Жавоб топиш учун хочнинг ўзига назар солинг. Жуда оддий. Иккита ёғочнинг кесишмаси. Бири – горизонтал, бошқаси – вертикал. Биттаси бизга йўналтирилган – Худонинг севгиси рамзи сифатида, бошқаси эса – юқорига йўналтирилган – Худонинг муқаддаслиги рамзи сифатида. Биттаси Унинг севгисининг кенглигини ифодаласа, бошқаси Унинг муқаддаслигининг баландлигини ифодалайди. Хоч – бу кесишма. Хоч – бу Ўз меъёрларини бузмаган ҳолда Худо Ўз фарзандларини кечирган жой. У буни қандай қила олди? Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Худо бизнинг гуноҳларимизни Ўз Ўғлига юклади ва У жазоларни Ўзига олди.

“Ахир, Худо бизни Масиҳ орқали оқлаш учун бегуноҳ Масиҳни гуноҳкорларни жазолагандек, жазолади” (2Коринфликлар 5:21). Ёки Каломнинг бошқа таржимасида шундай дейилган: “Масиҳ ҳеч қачон гуноҳ қилмаган! Масиҳ бизни Худонинг назарида солиҳ қилиши учун Худо Унга гуноҳкорга қарагандек қаради”.

Шу лаҳзани тасаввур қилинг. Худо тахтда ўтирибди. Сиз эса ердасиз. Сиз билан Худо ўртасида, осмон билан ер ўртасида Масиҳ хочда осилиб турибди. Сизнинг гуноҳларингиз Исога юкланган. Гуноҳни жазоловчи Худо адолатли ғазабини сизнинг хатоларингизга ёғдирмоқда. Исо зарбани қабул қилди. Исо сиз билан Худо ўртасида тургани учун бу зарба сизга тегмайди, гуноҳ жазоланди, лекин сиз хавфсизликдасиз – хочнинг соясида хавфсизликдасиз.

Худо айнан шундай қилди, лекин нима учун, нима учун У бундай қилди? Ҳиссий мажбурияти туфайлими? Самовий қарз туфайлими? Оталик мажбурияти туфайлими? Йўқ. Худо ҳеч кимга ҳеч нарса қарз эмас.

Қаранг, У яна нима қилган. У Ўз Ўғлини берди. Ўзининг ягона Ўғлини. Сиз шундай қилган бўлармидингиз? Ким учундир ўз фарзандингизнинг ҳаётини берган бўлармидингиз? Мен бермасдим. Ўз ҳаётимни беришим мумкин бўлган инсонлар бор. Қизимнинг ҳаётини беришим мумкин бўлган инсонларнинг рўйхатини тузишимни сўрасангиз, қоғоз бўм-бўшлигича қолади. Менга қалам ҳам керак эмас. Бу рўйхатда ҳеч қандай исм бўлмайди.

Лекин Худонинг рўйхатида ер юзида яшаган барча инсонларнинг исми бор. Унинг севгисининг ўлчами ана шунча. Ва бу хоч учун сабабдир. У бу оламни севди.

“Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди.” (Юҳанно 3:16).

Хочнинг вертикал ёғочи Худонинг муқаддаслигини ифода қилганидек, горизонтал ёғочи Унинг севгисини англатади. Унинг севгисини нақадар теран!

Оятда:

“Зеро, Худо бойларни шунчалик севдики…”

Ёки: “Зеро, Худо машҳурларни шунчалик севдики…”

Ёки: “Зеро, Худо озғинларни шунчалик севдики…”, деб ёзилмаганидан хурсанд эмасмисиз?

Йўқ, у ерда бундай ёзилмаган. У ерда “Худо европаликларни ёки африкаликларни, ичмайдиганларни ёки омадлиларни, ёшларни ёки қарияларни севган”, деб ҳам ёзилмаган.

Йўқ, Юҳанно 3:16ни ўқиганимизда, шунчаки (қувонч билан) ўқиймиз: “Зеро, Худо оламни шунчалик севдики…”

Худонинг севгиси қанчалар теран? Шунчалар теранки, бутун оламни қамраб олишга етади. Сиз ҳам бу оламда яшаётганлардан биримисиз? Унда сиз ҳам Худонинг севгиси билан қамраб олингансиз.

Сизни қабул қилишгани албатта ёқимли. Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Агар билимингиз кам бўлса, университетдан ҳайдашади. Агар керакли тоифага эга бўлмасангиз, лавозимингиздан озод қилишади ва афсуски, агар ўзингизни муносиб тутмасангиз, айрим жамоатлар ҳам сизни аъзоликдан чиқаришади.

Бироқ, улар сиздан воз кечганларида ҳам, Масиҳ сизни қабул қилади. Ундан севгисининг кенглигини ифода этишини сўраганларида бир қўлини ўнгга, иккинчисини эса чапга узатган, кейин сизларни севганча ўлганини билишингиз учун қўлларини михлаб қўйишган.

Наҳотки, ҳеч қандай чегара бўлмаса? Албатта, бу севгининг поёни бўлиши керак. Бекорга бундай ўйлаяпсиз. Ахир, зинокор Довуд уни топа олмаган. Қотил Павлус уни топа олмаган. Ёлғончи Бутрус ҳам топа олмаган. Агар уларнинг ҳаётлари ҳақида гапирсак, улар тубанликнинг энг тубига тушишган. Лекин Худонинг севгиси ҳақида айтадиган бўлсак, унинг туби йўқ экан.

Улар ҳам худди сиз каби Худонинг севги рўйхатидан ўз исмларини топишган. Ишончингиз комил бўлсинки, исмингизни у ерга ёзган Зот уни тўғри талаффуз қилишни ҳам билади.

 

“СЕНИНГ ФОЖИАНГНИ ҒАЛАБАГА АЙЛАНТИРА ОЛАМАН”

Дафн қилишда Худонинг берган ваъдаси

 

Аммо энди Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен кулолсан, Ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз.

Ишаё 64:8

 

Менга куч-қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан.

Филиппиликлар 4:13

 

Содиқ севгинг ила шод-хуррам бўлай, қайғуларимни Ўзинг кўргансан, жоним азобда қолганини биласан. Мени ғаним қўлига бермадинг, оёқларимни бехавотир ерга қўйдинг.

Забур 30:8-9

 

Гарча сизлар бу қисқа ҳаётда азоб чекиб яшасангизлар ҳам, Худонинг Ўзи сизларга мадад бериб, барчангизни баркамол, саботли, куч-қудратли ва мустаҳкам қилади. Ахир, иноятга бой Худо Исо Масиҳ орқали сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига шерик қилиш учун даъват этган.

1Бутрус 5:10

 

Дафн маросимларида кийиладиган кийимларга муносабатингиз қандай? Қизиқ мавзуми? Муҳокама учун қувончли мавзуми? Суҳбатлашиш учун қайғуга олиб келадиган мавзулар рўйхатини тузинг. Шунда дафн қилишга оид ашёлар тиш шифокори ҳузурида узоққа чўзилган даволаниш ҳамда солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилган текширув ўртасида қолиб кетади.

Дафн маросимларида кийиладиган кийимлар ҳеч кимга ёқмайди. Буни ҳеч ким муҳокама қилмайди. Сиз бирон марта кечки овқат пайтида: “Тобутда ётганингизда қандай либосда бўлишни истайсиз?”, деб савол берганмисиз? Дафн маросимлари учун либослар сотиладиган махсус дўконни кўрганмисиз? (Агар шундай дўкон бўлса, менда унинг учун ажойиб реклама бор: “Ўлишга арзигулик либослар”.)

Кўп одамлар дафн маросими кийимларини муҳокама қилишмайди.

Бироқ, ҳаворий Юҳаннода бу истисно бўлган. Ундан сўрасангиз, дафн маросими учун мўлжалланган кийимда ғалаба рамзини қандай кўрганини айтиб беради. У бундай ҳолатни ҳар доим ҳам кўравермаган. Яқин дўсти Исонинг ўлимини ёдга солувчи сифатида бу кийимлар фожеа рамзи эди. Лекин Фисиҳ байрамининг биринчи якшанбасида Худо ўлим либосларини олиб, уларни ҳаёт рамзига айлантирган.

Худо сиз учун ҳам шундай қилиши мумкинми?

Ҳаммамиз ҳам фожеаларга дуч келамиз. Қолаверса, ҳаммамиз ҳам фожеа тимсолларини олганмиз. Сизларнинг ҳолатингизда улар ҳарбий қисмдан телеграмма, касалхонадан ўлим ҳақидаги гувоҳнома, чандиқлар ёки судга чақирув қоғози бўлиши мумкин. Бундай белгилар бизга ёқмайди ва уларни олишни истамаймиз. Ҳалокатга учраган машиналар каби улар ҳам ёмон кунлардан қолган хотира бўлиб қалбимизда қолади.

Шунга ўхшаш ҳодисаларни Худо қандайдир яхшиликка ишлата оладими? Мана бундай оятларни биз қанчалик тушунамиз: “Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра, даъват этган” (Римликлар 8:28)? “ҳамма нарса” деган сўз таҳлиллар, ўсимталар, иситма ҳамда ишдан ҳайдалишларни ҳам ўз ичига оладими? Юҳанно бунга, ҳа, деб ҳавоб берган бўларди. У сизга шундай айтган бўларди: Агар сиз сабр билан кутишга ва диққат билан кузатиб туришга рози бўлсангиз, Худо ҳар қандай фожеангизни ғалабага айлантира олади.

У ўз фикрини исботлаш учун сизга жума кунларининг бирида содир бўлган бир воқеани сўзлаб берган бўларди.

Ариматеялик Юсуф Исонинг шогирди эди, лекин яҳудийлардан қўрққани учун буни яшириб юрар эди. Исо ўлгандан кейин Юсуф Пилатдан Исонинг жасадини хочдан тушириб олишни илтимос қилди. Пилат ижозат берди. Шунда Юсуф бориб, Исонинг жасадини хочдан тушириб олди. Илгари Исонинг олдига кечаси борган Никодим ҳам Юсуф билан бирга эди. Никодим икки пуд (тахминан юз литр) мирра ва алоэ мойларининг қоришмасини олиб келганди. Улар иккови Исонинг жасадини олиб, яҳудийларнинг дафн одатларига кўра, бу муаттар моддаларни суртиб, Уни кафанладилар (Юҳанно 19:38-40).

 

Исонинг тириклигида қўрққан Юсуф билан Никодим, У ўлганидан кейин ўзларида жасорат топиб, Исога хизмат қилиш учун келган эдилар. Улар Исони дафн қилиш учун келгандилар. Улар дафн маросими учун керакли кафанликларни олиб тепаликка келган эдилар.

Пилат уларга рухсат берди.

Ариматеялик Юсуф ўзи учун тайёрлаб қўйган қабрни берди.

Никодим тутатқи ва кафан олиб келди.

Юҳаннонинг таъкидлашича, Никодим юз литр мирра ва алоэ қоришмаларини олиб келган. Бу миқдор алоҳида эътиборга лойиқ, чунки бунча миқдордаги мойлар одатда шоҳларнинг дафн маросимларида ишлатилган. Юҳанно кафан ҳақида ҳам эслатиб ўтган, чунки кафан у учун жума куни содир бўлган фожеанинг ифодаси эди. Никодим кафан олиб келмасидан, Юсуф ўзи учун тайёрлаб қўйган қабрни бермасидан олдин Юҳаннода умид бор эди. Лекин дафн маросимида ишлатиладиган нарсалар барча умидларни пучга чиқарди. Кафанлик бу ҳаворий учун фожеа рамзи эди.

Бу фожеа Юҳанно учун ўлган Исодан ҳам даҳшатлироқ бўлиши мумкинмиди? Уч йиллар олдин Юҳанно ўз тақдирини Носиралик дурадгор Исо билан боғлаган эди. Ҳафтанинг бошида Исо Ўз шогирдлари билан Қуддусга кирганида шаҳар кўчаларида бўлган шодиёнадан Юҳанно қувонган эди. Эҳ, барчаси қанчалик тез ўзгарди-я! Якшанба куни Уни шоҳ, деб олқишлаган одамлар, жума куни Унинг ўлимини талаб қилишди. Юҳанно учун бу кафанликлар ҳам дўстини, ҳам келажагини ўраб-чирмаб, оғзи тош билан ёпилган қабрга дафн қилинганини эслатиб турувчи хотира эди.

Биз ҳозир биладиган нарсаларни Юҳанно ўша кунлари билмасди. Ўша жума кунида юз берган фожеа якшанба куни ғалабага айланишини билмаган. Сал кейинроқ Юҳанно “Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак, деган сўзларни тушунмаганини” тан олган (Юҳанно 20:9).

У шанба куни нима қилгани мана нима учун муҳим.

Бу кун ҳақида биз ҳеч нарса билмаймиз; бу ҳақда Каломдан ўқишимиз мумкин бўлган парча ҳам йўқ, бошқалар билан бўлишиш учун гувоҳлик ҳам. Биз билганлар қуйидагилар: якшанба кириб келганида, Юҳанно ҳамон ўша жойда эди. Магдалалик Марям уни излаб келганида, уни ўша жойдан топган.

Исо ўлган эди. Устознинг танасида тириклик аломатлари йўқ эди. Юҳаннонинг дўсти ҳамда унинг келажаги дафн қилинган эди. Лекин Юҳанно кетиб қолмади. Нима учун? Тирилишини кутиб турганмиди? Йўқ. Исонинг оғзи бир умрга ёпилганини, қўллари ҳаракатга келмаслигини биларди. У тирилиш мўъжизасини кутмаган. Унда нима учун у Қуддусда қолди?

Уни кетиб қолади, деб ўйлаш мумкин эди. Масиҳни хочга михлаганлар уни ҳам қидириб келмаслигига ким кафолат бера оларди? Хочга михлаш оломонга ёқди, энди дин пешволари яна бир қанча қурбон талаб қилишлари мумкин эди. Нима учун Юҳанно шаҳардан кетмади?

Эҳтимол, у Исонинг онасига қарагандир. Ёки борадиган жойи бўлмагандир. Балки пули бўлмагандир, мадори бўлмагандир, хоҳиши бўлмагандир… эҳтимол буларнинг ҳеч бири бўлмагандир.

Ёки Исони севгани учун кетмагандир.

Кўпчилик, Исони мўъжиза яратувчи, деб биларди. Яна кимлардир Уни устоз ва мураббий, деб биларди. Бошқалар эса, Исони Исроилнинг умиди деб ҳисоблашарди. Лекин Юҳанно учун Исо юқорида айтилганларнинг барчаси, ҳатто ундан ҳам ортиқ эди. Исо Юҳанно учун дўст эди.

У болохонада Исонинг ёнида эди. Гетсемания боғида ҳам Исонинг ёнида эди. Хочга михлаш пайтида ҳам у хоч яқинида эди ва дафн маросимидан кейин ҳам қабр олдидан кетишга шошилмади.

У Исони тушунганми? Йўқ.

Исонинг қилганларидан мамнун бўлганми? Йўқ.

Лекин у Исони ташлаб кетдими? Йўқ.

Сиз-чи? Юҳаннонинг ўрнида бўлганингизда нима қилган бўлардингиз? Ҳаётингизда шанба кунлари ўзингизни қандай тутасиз? Кечаги фожеа ҳамда эртанги ғалаба ўртасида бўлсангиз, ўзингизни қандай тутасиз? Худони ташлаб кетасизми ёки Унинг ёнида қоласизми?

Юҳанно қолишга қарор қилди. Шанба куни ўша жойда қолгани туфайли якшанба куни ҳам ўша жойда эди ва мўъжизани кўрди.

Сўнг у югуриб, Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб, деди: Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз. Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди. Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди. У энгашиб ичкарига қаради-да у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади. Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди. Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди. (Юҳанно 20:2-8).

Якшанба куни эрта тонгда Бутрус ҳамда Юҳаннога “Исонинг танаси йўқолибди!”, деб хабар қилишди. Марям ўзини боса олмай, шошиб гапирди. У, Исонинг душманлари Унинг танасини ўғирлаб кетишган, деб ўйлади. Иккита шогирд шу заҳотиёқ қабрга чопишди, Юҳанно Бутрусни ортда қолдириб, биринчи бўлиб қабрга етиб келди. Унинг кўрганлари шунчалик ҳайратланарли эдики, қабр оғзида туриб қолди.

У нимани кўрди? “Кафанни”. У “Исонинг бошига ўралган рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган”ини кўрди. У “ерда ётган кафанни” кўрди.

Калом ёзилган асл тил – юнон тилида бу ибора чуқур маънони англатади. Юҳанно бу парчада “йиғиштирилган”, “ҳалиям тахланган ҳолича” маъносини берувчи атамадан фойдаланган. Бу кафанлар йиртилиб ёки узилиб кетмаган эди. Улар аввалги ҳолича турарди. Кафанлар бус-бутун эди. Кафанлар ҳамон йиғиштирилган ва тахлаб қўйилган ҳолда эди.

Бу қандай бўлиши мумкин?

Агар дўстлари Унинг танасини олиб кетган бўлганларида, кафанни ҳам олиб кетишмасмиди?

Агар душманлар танани олиб кетган бўлганларида, улар ҳам шундай қилишмасмиди?

Агар ундай бўлмаса, агар қандайдир сабаб билан дўстлари ёки душманлари кафанни танадан ечиб олганларида уларни эҳтиёт қилиб тахлаб, бир четга йиғиштириб қўйишармиди? Албатта, йўқ!

Лекин агар жасадни дўстлари ҳам, душманлари ҳам олиб кетмаган бўлса, унда ким олиб кетди?

Юҳанно ҳам ўзига шу саволларни берган ва англаб етган. У “кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди” (Юҳанно 20:8).

Юҳанно ўлим орқали ҳаётнинг қудратини кўра олди. Сизнинг ҳаётингизни ўзгартириш учун Худо кафанлик сингари ёқимсиз нарсалардан фойдаланиши сизга ғалати туюлмаяптими?

Лекин Худо шундай нарсаларни қилишга мойил.

Тўйдаги шароб учун мўлжалланган бўш идишлар Унинг қўлида қудрат тимсолига айланади.

Бева аёлнинг туҳфаси сахийлик рамзига айланади.

Байтлаҳмдаги дағал охур – Унинг садоқати тимсоли.

Қатл қилиш асбоблари эса Унинг севгиси тимсоли.

Худо дафн маросими учун мўлжалланган кийимларни ҳаёт тимсолига айлантириши ҳайратланишга арзийдими?

Бу эса бизни шундай саволга олиб келади: Сизнинг ҳаётингизда ҳам Худо шундай ишлар қилиши мумкинми? Бугун фожеа тимсоли бўлиб турган нарсани ғалаба тимсолига айлантириши мумкинми?

У буни бир марта дўстим Рафаэл Розалес учун қилган. Рафаэл – Сальвадорда хизматчи. Партизанлар уни ўзларининг ҳаракатларига қарши душман ҳисоблаб, ўлдирмоқчи бўлишган. Уни ўлиши учун ёнаётган машина ичида қолдириб кетишади, лекин Рафаэл машинадан чиқиб олади ва шу ондаёқ мамлакатдан чиқиб кетади. Лекин у хотираларидан қутула олмади. Ҳодисадан қолган чандиқлар буни унутишга йўқ қўймасди.

Ҳар гал ойнага қараганда даҳшатли ҳодиса ёдига тушарди. Агар Ота унинг юрагига гапирмаганида, эҳтимол у ҳеч қачон асл ҳолига қайтмасди. Нажоткор унга: «Улар Менга ҳам шундай қилишган», - деган. Худо Рафаэлнинг қалбига тегинганидан кейин у ўзидаги чандиқларга бошқача кўз билан қарай олган. Бу чандиқлар унга азобларни эслатиш ўрнига, Нажоткорнинг азобларини эслатувчи чандиқларга айланган. Бир қанча вақтдан кейин у ўша одамларни кечирган. Яқинда у янги жамоат очиш учун жой қидириб, ўз юртига қайтиб кетди.

Сиз билан ҳам шундай ўзгариш содир бўлиши мумкинми? Бунга шубҳам йўқ. Сиз шунчаки, Юҳанно қилгандек қилишингиз лозим. Яъни, кетиб қолманг. Жойингизда қолинг.

Ўша парчанинг иккинчи қисми ёдингиздами: “Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади” (Римликлар 8:28). Юҳаннода ҳам Исога нисбатан шундай ҳислар бўлган. У Исони яхши кўрган. У Исони яхши тушунмаган, ҳар доим Унинг фикрига қўшилмаган, лекин Уни яхши кўрган.

Уни яхши кўргани учун Унинг ёнида қолган.

Калом “Худони яхши кўрганларга ҳамма нарсалар яхшиликка хизмат қилади”, дейди. Бу бобни якунлашдан олдин арзимаган бир машқни бажаринг. Ҳамма нарсалар деган сўзнинг ўрнига фожеангиз рамзини қўйиб оятни ўқинг. Ҳаворий Юҳанно учун бу оят шундай ифода қилинган бўларди: “Худони яхши кўрганларга кафанликлар яхшиликка хизмат қилади”. Рафаэл учун эса, бу оят: “Худони яхши кўрганларга чандиқлар яхшиликка хизмат қилади”, бўларди.

Сизнинг ҳаётингизда бу оят қандай ифодаланган бўларди?

Худони яхши кўрганларга касалхонада бўлиш яхшиликка хизмат қилади.

Худони яхши кўрганларга ажрашиш ҳақидаги хужжатлар яхшиликка хизмат қилади.

Худони яхши кўрганларга қамоққа тушиш яхшиликка хизмат қилади.

Агар Худо фожеа орқали Юҳаннонинг ҳаётини ўзгартира олган экан, сизнинг ҳаётингизни ўзгартириш учун фожеадан фойдаланиши мумкинми?

Бунга ишониш қанчалик қийин бўлмасин, сизни руҳан тирилишдан фақат шанба ажратиб турибди. Эҳтимол, сиз ўзгарган юракнинг “Худойим, буни мен учун қилдингми?”, деган бебаҳо ибодатидан бор-йўғи бир неча соат нарида тургандирсиз?!

 

 

“МЕН ҒАЛАБА ҚИЛДИМ”

Бўш қабрдаги Худонинг ваъдаси

 

Хоч орқали (Худо) ғалаба қозонди.

Колосаликлар 2:15

 

Фисиҳнинг биринчи куни тонгда… ўликлар шоҳлигини тириклар оламидан ажратиб турган сукунат бирдан бузилди.

Гилберт Билезикиан

 

Худога шукурлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.

1Коринфликлар 15:57

 

Худога шукур! Худо бизга Масиҳнинг тантанали юришида иштирок этишни насиб қилди.

2Коринфликлар 2:14

 

Исонинг туғилиши

Исонинг туғилиши ҳақида айтганларида Ҳироднинг айтган сўзлари: “Ўлдиринглар Уни. Ер юзининг бу бурчагида фақат битта шоҳга ўрин бор”.

Байтлаҳмда Масиҳ туғилди, деган гапга ишонган диний уламолар сони. Ноль.

Унга ишонган инсонлар. Бир нечта мунажжимлар, тунги навбатчиликда турган чўпонлар ва жинсий алоқа қилишдан кўра, доялик қилишда кўпроқ тажрибаси борлигини айтган янги турмуш қурган жуфтлик.

Худони дунёга келтирганликлари учун Юсуф ва Марям олган мукофот. Икки йил қувғинликда юриш, миср тилини ўрганиш.

Бу масиҳийлик ҳаракатининг бошланиши эди. Ва бу йиллар сокин йиллар эди.

 

Исонинг хизмати

Исо Уни Худо юборганини эълон қилганида, Ўз она шаҳри кўчаларида янграган сўз. Ғалати оила. Унинг амакиваччасини кўрганмисизлар?

Унинг она шаҳрида яшайдиган аҳолининг жавоби. Уни тошбўрон қилиш керак.

Унинг укаларининг фикри. Уни жиннихонага жўнатиш керак.

Ҳокимлар олдида Уни ҳимоя қилган шогирдлари сони. Ноль.

Исо шогирдлари ҳақида Қуддус газеталари саҳифаларида берилган баҳо. Кемасозлик корхонасидан чиққан бир гуруҳ омадсиз ишсизлар ҳамда фоҳишахонадан чиққанлар.

Исо шифо берган мохов, кўр ва чўлоқ кишилар сони. Санаб бўлмайди.

Исо қатл қилинадиган куни Уни ҳимоя қилган шифо топган кишилар сони. Ноль.

 

Исони қатл қилиш

Исо маъбадни тозалашидан олдин У ҳақдаги энг кўп тарқалган фикр. Кўрамиз, бу лавозимга Ўзининг номзодини қўярмикан?

Исо маъбадни тозалаганидан кейин У ҳақдаги энг кўп тарқалган фикр. Кўрамиз, У тез югурармикан?

Яҳудийлар кенгашининг қарори. Учта мих ва найза.

Исонинг ўлимидан кейин Қуддус кўчаларида тарқалган гаплар. У дурадгорлигини қилиб юравериши керак эди.

Ўлимидан кейин учинчи куни тирилиши ҳақида Исо қилган башоратлар сони. Учта.

Бу башоратларни эшитган издошларининг сони. Ҳаммаси.

У берган ваъдасини бажариш ёки бажармаслигини кўриш учун қабр олдида қолган ҳаворийлар сони. Ноль.

Исо тирилмасидан олдин Унинг тирилишига ишонган издошларининг сони. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг.

Исонинг номи 2000-йилда ҳам машҳур бўлиш эҳтимолини хочга михланган куни ёзувчи қанчалик эҳтимоллик билан баҳолаган бўларди. “Унинг ўликдан тирилиш эҳтимоли кўпроқ”.

 

Исонинг ҳатти-ҳаракати

Тирилиш ҳақидаги миш-мишларга яҳудий раҳнамоларининг расмий изоҳи. Албатта, улар Исони тирилди, дейишади. Улар шунга мажбур. Бошқа нима ҳам дейишарди?

Исонинг тирилишига яҳудий раҳнамоларининг расмий изоҳи. “Руҳонийларнинг кўпчилиги имонга келдилар” (Ҳаворийлар 6:7).

Маъбад бўйича яҳудий раҳнамоларнинг қарори. “Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади. Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар” (Ҳаворийлар 5:38,39).

Маъбаднинг жавоби. “Шогирдлар сони Қуддусда кўпайди” (Ҳаворийлар 6:7).

Павлуснинг имонига нисбатан яҳудий раҳнамоларининг расмий изоҳи. Собиқ фарзийнинг омадини берсин! Қамоқда бир ой яшаб кўрсин, кўрамиз ўшанда нима қиларкан? Мактуб ёзармикин?

Павлусга айланган Шоул ўзининг собиқ сафдошларидан фарқли равишда нимани англаб етди? “Худо Масиҳни ярашиш қурбонлиги қилиб берди” (Римликлар 3:25).

 

Ҳаракат давом этмоқда

Француз файласуфи Вольтернинг фикри. “Муқаддас Калом ва масиҳийлик юз йилдан кейин йўқ бўлиб кетади”. У 1778 йилда вафот этган. Ҳаракат давом этмоқда.

Фридрих Ницшенинг 1882 йилдаги эълони. “Худо ўлди”. У илм-фаннинг гуллаб-яшнаши эътиқоднинг йўқолишига сабаб бўлади, деб ишонган.

Коммунистик луғат Каломга қандай таъриф берган? “Бу ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган афсонавий эртаклар тўплами”. Коммунизм жар ёқасига келди; ҳаракат давом этмоқда.

Масиҳийлик эътиқодига қарши чиқишга уринган ҳар бир инсон олган очиқликлар. Унинг Асосчисини дафн қилмоқчи бўлганларга нима бўлган бўлса, уларга ҳам худди шундай бўлган: У қабрда қолмайди.

Далиллар. Ҳаракат ҳеч қачон ҳозиргидек кучли бўлмаган. Икки миллиарддан ортиқ масиҳийлар бор.

Савол. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Исо чекка бир қишлоқдан чиққан. Бу қишлоқ аҳолиси биронта ҳам китоб ёзмаган, ҳеч қандай мансабни эгалламаган. Ҳеч қачон ўз қишлоқларидан уч юз километр узоққа боришмаган. Дўстлари Уни ташлаб кетишди. Улардан бири Унга хоинлик қилди. У ёрдам берган инсон Уни эсдан чиқарди. У ҳали ўлмасидан Ундан юз ўгиришди. Лекин У ўлганидан кейин Унинг олдида тура олишмади. Бу ўзгаришга нима сабаб бўлди?

Жавоб. Унинг ўлими ва тирилиши.

Чунки У ўлган вақтда сизнинг гуноҳларингиз ҳам ўлган.

У тирилганида эса умидингиз ҳам тирилган.

У тирилганида, сизнинг қабрингиз сиз учун сўнгги макон эмас, вақтинча яшаш жойига айланди.

У бундай қилишининг сабаби. Ойнага қаранг.

Икки минг йилдан кейин чиқарилган ҳукм. Ҳирод ҳақ эди: фақат битта Шоҳга ўрин бор.

 

 

СЕН ХОЧДА НИМА ҚОЛДИРАСАН?

 

Ҳақиқий севги - бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир.

1Юҳанно 4:10

 

Барча ташвишларингизни Худога топширинглар, чунки У ҳамиша сизларга ғамхўрлик қилади.

1Бутрус 5:7

 

Ҳеч ким токи ўз қалбида ҳис қилиб кўрмагунича имон қудратини тўғри англай олмайди.

Жон Калвин

 

Сиз Масиҳни ўз онгингизда ҳис қилишингиз лозим. Бутун олам бунга шубҳа қилганда ҳам У Худонинг Каломи эканига қатъий ишонишингиз керак. Буни ҳис қилиб кўрмагунингизча, Худонинг Каломини англаб етмайсиз.

Мартин Лютер

 

Гўлгота тепалиги ҳозир жимжит. Сукунат деб бўлмайди, шунчаки шовқин-сурон йўқ. Бугунги кун ҳисобидан илк бор шовқин эшитилмаяпти. Зулмат - кундузги, хавотирга солувчи зулмат ер юзини қоплаганида тепаликда шовқин тинди. Сув оловни ўчирганидек, зулмат ҳам шармандаликка нуқта қўйди. Масхара қилиш тўхтади. Ҳазил қилиш тўхтади. Аста-секин таҳқирловчилар ҳам қолмади. Ҳамма бирин-кетин ўгирилиб, тепаликдан туша бошлади.

Яъни, сиз билан мендан бошқа ҳамма томошабинлар кетди. Биз эса қолдик. Биз ўрганиш учун келганмиз. Шунинг учун зулмат тушганда ҳам қолиб, қулоқ тутдик. Биз аскарларнинг лаънатлашларини, ўткинчиларнинг саволларини ҳамда аёлларнинг йиғисини эшитдик. Лекин ҳаммасидан кўпроқ, уччала жон бераётган инсонларнинг инграганларини эшитдик. Ечинтирилган, ташналикдан овозлари ҳириллаб қолган нолаларини эшитдик. Улар оёқларига тиралиб, бошини кўтаришга ҳаракат қилганларида ва ҳар гал бошини бурганларида инграр эдилар.

Лекин вақт ўтган сайин инграшлар ҳам тўхтади; бу учала киши ўлганга ўхшарди. Агар зўрға нафас олаётган бўлмаганларида уларни ўлган дейиш мумкин эди.

Кейин У баланд овозда фарёд қилди. Худди кимдир Унинг сочидан тортгандек боши тахтачага урилди ва У фарёд қилди. Худди ўткир ханжар пардани йиртгандек, Унинг фарёди зулматни тешиб ўтди. Қўлларига мих қоқилганда қандай бақирган бўлса, йўқолган дўстини чақиргандек, худди шундай бақирди: “Раббим!”

Унинг овози хириллаган эди. Катта очилган кўзларида эса ўт чақнар эди. “Худойим!”

Танасидаги даҳшатли оғриққа қарамасдан, елкаси ёнга узатилган қўлларидан баланроқ бўлгунча кўтарилди. “Нега Мени ташлаб қўйдинг?”

Аскарлар тикилиб қарашди. Йиғлаётган аёллар йиғидан тўхташди. Фарзийлардан бири истеҳзоли кулди: «У Илёсни чақиряпти».

Ҳеч ким кулмади.

У самога қараб савол берганида, Унга жавоб беришларига деярли ишонгансизлар.

Афтидан, шундай бўлганга ўхшайди. Чунки Исонинг юзи ёришди ва пешинга яқин охирги марта гапирди. «Амалга ошди. Ота! Руҳимни қўлларингга топширяпман».

У жон берганида, бирданига ер ларзага келди. Тош думалади, аскар қоқилиб тушди. Кейин, бирданига йўқолган сукунат яна ер юзини қоплади.

Бу гал бутунлай сукунат бўлди. Таҳқирлаш тўхтаган. Ҳеч ким ҳеч кимни таҳқирламасди.

Аскарлар мурдалар билан банд эди. Икки киши келди. Яхши кийинган, хотиржам, улар Исонинг танасини олиб кетишди.

Биз эса Унинг ўлими излари билан қолдик.

Саватда учта мих.

Хоч шаклидаги учта соя.

Қон доғлари теккан тиканли тож.

Бу қонлар инсонга эмас, Худога тегишли экани ғалати, тўғрими?

Бу михлар хочда сизнинг гуноҳларингизни тутиб турганини ўйлаш, ақлга сиғмайди, шундай эмасми?

Қабиҳ одам ибодатига жавоб олганини ўйлашнинг ўзи бемаънилик, тўғрими? Бошқа қабиҳ одамнинг умуман ибодат қилмагани эса, янада бемаънилик эмасми?

Бемаънилик ва истеҳзо. Гўлгота тепалиги – униси ҳам, буниси ҳам.

Биз бу лаҳзаларнинг сценарийсини бошқачароқ ёзган бўлардик. Худо дунёни қандай қутқариши кераклигини биздан сўранг, биз сизга кўрсатиб берамиз! Оқ отлар, ярақлаган қиличлар. Иккала елкага ҳам ёвузлик қўйилган. Худо Ўз тахтида ўтирибди.

Лекин Худонинг хочда осилиб туриши?

Худо юзидан қон оққан, лаблари ёрилган ва кўзлари шишган ҳолда хочда осилиб турибдими?

Унинг юзига шимгични суртишдими? Найза билан биқинин тешишдими? Оёқлари тешилдими?

Йўқ, дунёни қутқариш драмасининг сценарийсини биз бундай ёзмаган бўлардик. Лекин биздан буни сўрашмади. Актёрлар ҳам, саҳна ҳам Худо томонидан танланган ва тайинланган эди. Бу вақт учун сценарий ўйлаб топишни бизга айтишмаган.

Лекин бизга бунга жавоб беришни таклиф қилишган. Масиҳнинг хочи ҳаёт хочи бўлиши учун сиз билан мен бу тепаликка бир нарса олиб келишимиз лозим.

Биз Исо нима олиб келганини кўрдик. Михланган қўллари орқали У кечирим берди. Парчаланган танаси орқали бизни қабул қилишга ваъда берди. Бизни уйга олиб бориш учун йўлга чиқди. Ўз кийимини бизга бериш учун бизнинг кийимларимизни кийди. У бизга берган инъомларни кўрдик.

Биз нима олиб келамиз?

Бизга тахтачага ёзиб келишимизни ёки мих олиб келишимизни таклиф қилишмаяпти. Ўзимизни таҳқирлаш остига қўйишимизни ҳам таклиф қилишмаяпти. Лекин йўлга чиқиб, хоч олдида нимадир қолдиришимизни таклиф қилишяпти.

Биз албатта, мажбур эмасмиз. Кўпчилик бундай қилишмайди.

Кўпчилик одамлар худди биздек йўл тутишади: кўпчилик ақлли одамлар хоч ҳақида ўқиган; яна кўпчилик мендан кўра ақлли одамлар У ҳақда ёзишган. Кўпчилик одамлар Масиҳ қолдирган нарсалар ҳақида ўйлаган; лекин жуда кам инсонлар хоч олдида биз нима қолдиришимиз кераклиги ҳақида мулоҳаза қилишган.

Хоч олдида нимадир қолдиришимиз кераклигига сизларни ишонтира оламанми? Сиз хоч ҳақида ўрганишингиз ва таҳлил қилишингиз мумкин. Бироқ, хоч олдида нимадир қолдирмагунингизча сиз хочни қабул қила олмайсиз.

Масиҳ нима қолдирганини кўрдингизми? Сиз ҳеч нима қолдирмайсизми? Нима учун яшашингизга халақит бераётган нарсалардан бошламайсиз?

Ёмон одатларми? Уларни хоч олдида қолдиринг. Худбин кайфиятингиз ва нажот ҳақидаги ёлғонларми? Уларни Худога беринг. Ичкиликбозлик ва фанатизмми? Буларнинг барчасини Худо Ўзига олишни истайди. Ҳар бир омадсизликни, ҳар бир хатони Ўзига олади. Худога буларнинг ҳаммаси керак. Нима учун? Чунки сиз булар билан яшай олмаслигингизни У билади.

Мен уйимиз ёнидаги бўм-бўш майдонда футбол ўйнаб катта бўлганман. Жуда кўп якшанба оқшомларини Дон Мередит ёки Боб Хейзга тақлид қилиш билан ўтказар эдим. (Жо Наматни тақлид қилиш менга керак эмасди. Кўпчилик одамларнинг айтишича, мен шундоқ ҳам унга жуда ўхшар эканман.)

Техас ғарбидаги бўш ерларда қушқўнмас ўсарди. Йиқилмасдан футбол ўйнашнинг иложиси йўқ, Техас ғарбида эса, қушқўнмасга йиқилмасликнинг имкони йўқ.

Бир неча маротаба қушқўнмас тиканлари орасига йиқилганим ва тиканларни чиқариб олиш учун кимнидир ёрдамига муҳтож бўлган пайтларим эсимда. Болалар тиканларни чиқариб олишни бошқа болаларга ишонмайди. Сизга бу ишни уддалай оладиган киши керак. Отам тиканларни бирма-бир чиқариб олиши учун оқсоқланиб уйга борардим.

Мен унчалик ҳам эътиборли бола бўлмаганман, лекин бир нарсани аниқ билардим, агар ўйинга қайтишни истасам, бу тиканлардан халос бўлишим керак.

Ҳаётимиздаги ҳар битта хатолик қушқўнмасга ўхшайди. Йиқилмасдан яшашнинг иложи йўқ, қушқўнмасга тегмасдан йиқилишнинг ҳам иложи йўқ. Лекин биласизми нима? Биз ёш футболчилар каби ўзимизни муносиб тутмаймиз. Баъзан тиканлардан қутулмай туриб, ўйинга қайтишга ҳаракат қиламиз. Албатта, йиқилганимизни ҳеч ким билмаслиги учун ўзимизни худди ҳеч нима бўлмагандек тутамиз. Оқибатда эса, азоб билан яшайверамиз. Тўғри юра олмаймиз, ухлай олмаймиз, дам ололмаймиз. Ва қанчалик жиззаки бўлиб кетяпмиз!

Худо бизнинг шундай яшашимизни хохлайдими? Албатта, йўқ. Мана Худонинг бу ваъдасига қулоқ тутинг: “Улар билан қилган аҳдим шудир: Мен уларни гуноҳларидан фориғ қиламан” (Римликлар 11:27)

Худо бизнинг гуноҳларимизни шунчаки кечиришдан ҳам буюкрок иш қилмоқда: У гуноҳларимиздан фориғ қилмоқда! Биз шунчаки гуноҳларимизни Унга беришимиз керак.

Унга аввал содир этган хатоларимизнигина эмас, ҳозир содир этаётганларимизни ҳам беришимиз керак! Сиз ҳозир ҳам хато қиляпсизми? Ичаяпсизми? Ишда дангасалик қиляпсизми ёки умр йўлдошингизга хиёнат қиляпсизми? Пулингизни нотўғри йўлларга сарф қиляпсизми? Ҳаётингизни нотўғри бошқаряпсизми?

Агар шундай бўлса, ўзингизни худди ҳеч нима бўлмагандек тутманг. Ўзингизни худди йиқилмаётгандек тутманг. Ўйинга қайтишга уринманг. Аввал Худонинг олдига боринг. Йиқилишдан кейинги биринчи қадам хоч томонга йўналтирилган бўлиши керак. “Борди-ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади” (1Юҳанно 1:9).

Сиз хоч олдида нима қолдиришингиз мумкин? Ёмонроғидан бошланг. Хочнинг олдига борганингизда ўз норозиликларингизни ҳам Худога беринг.

Ит тишлаб олган одам ҳақидаги ҳикоя ёдингиздами? Итнинг қутурган эканини билганидан кейин, у рўйхат туза бошлаган. Врач унга ҳозирдан васият ёзиш шарт эмаслигини, чунки қутуриш касаллигини даволаш мумкинлигини айтган. “Мен умуман васият ёзаётганим йўқ, ўзим тишламоқчи бўлган инсонларнинг рўйхатини тузаяпман” деб жавоб беради у.

Ҳаммамиз ҳам шундай рўйхат тузишимиз мумкин, тўғрими? Ҳаммамизга маълумки, дўстлар ҳар доим ҳам чин дўст бўлмайдилар. Қўшнилар ҳам доим ўзларини яхши қўшнидек тутишмайди. Айрим ишчилар ҳеч қачон иш қилишмайди, айрим раҳбарлар ҳар доим ўзларини фақат раҳбардек тутишади.

Одамлар ҳар доим ҳам берган ваъдаларини бажармасликларини ҳам биласиз, тўғрими? Кимдир ўзини сизнинг отангиз эканини айтиши – у ўзини ҳақиқий отадек тутади, дегани эмас. Ёки меҳроб олдида сизга “хўп” дейишса ҳам, никоҳда “йўқ” дейишлари мумкин.

Биз зарбага зарба билан жавоб қайтаришга мойилмиз, шундай эмасми? Қўполлик қилишга, рўйхат тузишга, ўзимизга ёқмаган инсонларга бақиришга ва ғазабланишга мойилмиз, тўғрими?

Худога сизнинг рўйхатингиз керак. У бир хизматчини шу сўзларни ёзишга илҳомлантирган: “Севги одобсизлик қилмайди” (1Коринфликлар 13:5). Худо шу рўйхатни хочнинг олдида қолдиришимизни истайди.

Бу осон эмас.

“Қаранг, улар менга нима қилишди!” – деб, жароҳатларимизни кўрсатамиз.

“Қара, Мен сен учун нималар қилдим”, - дейди У ва хочни кўрсатади.

Павлус бу ҳақда шундай деган: “Бир-бирингизни кечиринглар. Эгамиз сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бошқаларни кечиринглар” (Колосаликлар 3:13)

Сиз билан бизга амр берилган, бу маслаҳат эмас, балки амр – одобсизлик қилмаслик.

Шундай қилишни истайсизми? Сизга сиз билан ҳар гал қўпол муомала қилишган ҳолатларни кўрсатувчи рўйхатлар тўплами керакми? Сиз чиндан ҳам ҳаётингизни ғазаб ва бақир-чақирга тўла бўлишини хоҳлайсизми? Худо ҳам буни хоҳламайди. Сизни заҳарламасидан олдин гуноҳларингизни, ёндирмасидан олдин азобларингизни Худога беринг. Сизни барбод қилмасидан олдин ташвишларингизни ҳам Унга беринг. Барча ташвишларингизни Худога беринг.

Бир одам руҳшуноснинг олдига келиб, ташвишлари ўғлига ҳам таъсир кўрсатаётганини айтиб, шикоят қилди. Баъзан у тушида совуқ чодирда ётганини, баъзан эса ҳиндулар ўтовида ётганини кўради. Шифокор тезда вазиятни таҳлил қилиб, шундай жавоб беради: “Муаммо нимадалигини биламан. Сиз кучли босим остидасиз”*.

Бизларнинг кўпчилигимизда ҳам шундай бўлади. Биз ота-оналар учун бу айниқса оғир. Қизларим машина ҳайдашни бошлаганларида ҳали ёш эдилар. Назаримда, кечагина уларни юришга ўргатгандим, энди эса улар машинага ўтиришяпти. Буни ўйлаш одамни чўчитади. Мен Женнининг машинасига: “Машинани яхши ҳайдаяпманми? 1-800- ДАДАМГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ” деган ёзувни ёпиштириб қўйиш ҳақида ўйлардим.

Бу хавотирларни нима қилса бўлади? Тўғри маънода – ташвишларингизни хочга олиб келинг. Келаси сафар саломатлигингиздан, уйингиздан, пулингиздан ёки самолётда учишдан ташвишланганингизда, Гўлгота тепалигига унутилмас саёҳат қилинг. Раббимизнинг азобларини яна бир бор таҳлил қилиб, бироз вақтингизни ўша жойда ўтказинг.

Бармоқларингизни найзанинг тиғига теккизиб кўринг. Кафтингизда михларни ушлаб кўринг. Тахтачага ёзилганларини ўз тилингизда ўқиб кўринг. Буларни қилиш билан бирга Эгамизнинг қони оққан ерни ҳам силаб кўринг.

Бу қон сиз учун оққан.

Бу найза сизнинг ўрнингизга Унга санчилган.

Бу мих сизнинг ўрнингизга Унга қоқилган.

Тахтачани эса сиз учун қолдирган.

Буларнинг барини У сиз учун қилган. У ўша тепаликда сиз учун қилганларини ҳаммасини билиб туриб ҳам наҳотки бу ерда У сиз учун қайғурмайди, деб ўйласангиз?

Худди Павлус айтганидек: “Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб, қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?” (Римлмклар 8:32).

Ўзингиз учун бир иш қилинг: ташвишларингизни хочга олиб боринг. Уларни барча ёмон фикрларингиз ва хафачиликларингиз билан бирга хоч ёнида қолдиринг. У ерда яна бир нарсани қолдиришингизни маслаҳат берсам майлими? Сўнгги онларингизни.

Агар Масиҳ олдинроқ келиб қолмаса, унда бизда шундай онлар бўлади. Сўнгги лаҳза. Сўнгги нафас. Сўнгги нигоҳ ва юракнинг сўнгги уриши. Бир лаҳзада ўзингизга таниш бўлган барчасини қолдириб, ҳаммаси бошқача бўлган жойга кирасиз.

Бу бизни ташвишга солади. Ўлим – улкан номаълум ҳиссиёт. Биз эса ўзимизга номаълум нарсалардан бироз чўчиймиз.

Сара билан ҳам шундай бўлган. Деналин иккимиз буни ажойиб фикр, деб ўйлаган эдик. Биз қизларимизни мактабдан ўғирлаб, дам олиш кунлари учун саёҳатни режа қилгандик. Меҳмонхонадан жой банд қилиб, дарсдан озод қилишларини ўқитувчилар билан келишиб қўйдик, лекин буни қизларимиздан сир тутдик. Жума куни кечроқ Сара ўқийдиган тўртинчи синфга келганимизда, у ҳайратга тушади, деб ўйлагандик. Лекин ҳаммаси аксинча бўлди. У қўрқиб кетди ва кетишни истамади!

Синфдан чиққанимизда ҳаммаси жойида эканини, уни маза қилиб ўйнайдиган жойга олиб кетиш учун келганимизни айтдим. Лекин бу иш бермади. Машинага етиб келганимизда, у йиғлаб юборди. У довдираб қолганди. Бу ҳаракатимиз унга ёқмади.

Бизга ҳам ёқмади. Худо ҳам кутилмаганда келиб, бизни ўзимиз билган бу кулранг оламдан биз билмаган тилла оламга олиб кетишни ваъда қилган. У олам бизга таниш бўлмагани учун у ерга боришни хохлаётганимизга ишончимиз комил эмас. Унинг келиши ҳақидаги фикр бизни ҳатто хафа қилади.

Мана шу сабабдан, Худо биздан худди Сара қилганидек, Отамизга ишонишимизни истайди. Отамиз шундай деган: “Юрагингиз сиқилмасин. Сизларни Ўзим билан олиб кетгани келаман. Токи Мен бўлган жойда сизлар ҳам бўлинглар” (Юҳанно 14:1,3)

Ҳа айтганча, тез фурсатда Сара тинчланди ва саёҳатдан роҳатланди. У ҳатто уйга қайтишни ҳам истамади. Сиз ҳам ортга қайтишни истамай қоласиз.

Умрингизнинг сўнгги лаҳзасидан хавотир олаяпсизми? Бу хавотирларни хочнинг олдида қолдиринг.

Кимдир аллақачон ўйлашга улгургандир: “Биласанми, Макс, агар мен буларнинг барини хоч олдида қолдирсам, унда менда яхши нарсалардан бошқа ҳеч нарса қолмайди”.

Биласизми, нима? Шундай бўлади ҳам.

 

 

СЎНГГИ СЎЗ

 

Бу варақда жозибадор ҳеч нарса йўқ. Катта ҳарфлар билан ёзилган сўзлар ҳам йўқ. Ҳеч қандай ёрқин белгилар ҳам йўқ. Қалин вараққа ҳам ёзилмаган. Ёрлиқ ҳам йўқ. Шунчаки, оддий ёндафтарчадан йиртиб олинган сариқ варақ парчаси.

Ҳуснихат ҳам жозибадор эмас. Қачонлардир бу ҳуснихат мақтовга арзигулик бўлган. Болалигимда мен ҳам шундай ёзишга ҳаракат қилганман. Лекин сиз ёндафтарчадаги бу ёзув усулига тақлид қилмаган бўлардингиз. Шунчаки, у ерда нима ёзилганини билишга ҳаракат қилсангиз бўлди. Қаторлари қийшиқ, ҳарфлари текис ёзилмаган, сўзлари ҳам пала-партиш ёзилган.

Бироқ, отам қўлидан келганча ҳаракат қилган. Амиотрофик склероз унинг қўлларини заиф қилиб қўйганидан ёзиш у ёқда турсин, ҳатто қошиқни ҳам оғзига аранг олиб келарди. Тасаввур қилинг, барча бармоқларингиз билан ручкани маҳкам ушлаб ёзаяпсиз, лекин қўлингизни кўтариш муаммо.

Бу унинг биз учун ёзилган охирги сўзлари эди. Касаллик ва совуқ ҳаво уни тамом қилган эди. Деналин иккаламиз Бразилиядан уйга қайтдик ва унинг ёнида галма-галдан навбатчилик қилдик, касалхона овқатидан едик. Унинг саломатлиги яхшиланди ва биз Жанубий Америкага қайтдик. Келган кунимизнинг эртасига биз ушбу мактубни олдик.

19 январь 1984 йил

Азизларим Макс ва Деналин!

Уйингизга эсон-омон етиб борганингиздан хурсандман. Энди тинчланиб, ўз ишингизга қайтинг. Ёнимга келганларинг учун жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, тунлари навбатма-навбат қолганларингдан хурсанд бўлдим.

МАКС, НИМА БЎЛИШИДАН ҚАТЪИЙ НАЗАР, ДЕНАЛИННИНГ ЁНИДА БЎЛ.

Сизларга яна нимадир ёзишимга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Шундоқ ҳам, сизларни қанчалик яхши кўришимни биласизлар. Шунчаки, яхши масиҳий бўлиб яшанглар ва ХУДОДАН ҚЎРҚИНГЛАР.

Ер юзида сизлар билан яна учрашишга умид қиламан, агар учраша олмасак, унда жаннатда кўришамиз.

Чексиз муҳаббат ила, Отанг.

 

Отам бу сўзларни қандай ёзганини тасаввур қилиб кўрдим. Касалхона каравотида ётганча, қўлига ручкани олиб, ёндафтарчани тиззасига қўйиб ёзган. Бу унинг сўнгги номаси экани ҳақида ўйлаган бўлса керак. Нима деб ўйлайсизлар, у сўнгги сўзларини яхшилаб ўйлаб ёзганми? Албатта, шундай.

Бундай ҳолатда сиз нима қилишингиз мумкинлигини тасаввур қила оласизми? Ўзингиз севган инсонларга атаган сўнгги номангиз қандай бўлишини тасаввур қила оласизми? Фарзандингизга ёки умр йўлдошингизга аталган сўнгги номани тасаввур қиласизми?

Унда нима деб ёзган бўлардингиз? Буни қандай айтган бўлардингиз?

Биринчи саволга жавоб бера олмасангиз ҳам иккинчи саволга жавоб бера оласиз. Сўнгги сўзларингизни қандай изҳор қилган бўлар эдингиз? Яхшилаб ўйлаб, эҳтиёткорлик билан. Бунга худди Моне мўйқаламга мурожаат қилгандек, мукаммал соя, мукаммал оҳанг танлашга диққатингизни қаратмайсизми? Бизларнинг кўпчилигимизда ўзимизнинг сўнгги сўзларимизни ифода этиш учун фақат битта имконимиз бўлади.

Исога берилганлари ҳам худди шундай эди. Нима деб ўйлайсиз, Унинг сўнгги сўзлари ҳақида доимо мулоҳаза қилишларини билиб, У бу сўзларни эътибор билан танлаганми? Яхшилаб ўйлаб кўрганми? Албатта, шундай. Ўша куни бу тасодиф бўлмаган. Исонинг сўнгги онлари тасодиф бўлмаган. Худо йўлни танлади; Исо эса михни. Эгамиз учта хочни ўрнатди ва тахтачага ёзди. Худо Ўз Ўғлининг ўлимида бўлганидек ҳеч қачон ҳар бир ҳолатни бунчалик аниқ белгилаб чиқмаган. Худди отам яхшилаб ўйлаб нома ёзганидек, сизнинг Отангиз ҳам сизларга сўнгги номасини қолдирган:

“Мен буни сен учун қилдим. Буларнинг барчасини сен учун қилдим”.