ТАРИХ ЙЎНАЛИШИНИ ЎЗГАРТИРГАН ДАЛИЛ Жош ва Шон Макдауэлл МУНДАРИЖА Менинг шахсий саёҳатим Масиҳийликни рад этмоқчи бўлганимда нималар юз берди? Жош Макдауэлл 1-боб Тирилиш нега бунчалик муҳим? Дунёнинг ягона умиди 2-боб Биз тирилиш чиндан ҳам содир бўлганини аниқ билишимиз мумкинми? Бу ҳақиқатми? Бунга ишонса бўладими? 3-боб Тирилишнинг далиллари Ҳақиқатан ҳам Исо ўлган, дафн этилган ва тирилганмиди? 4-боб Хўш, кейинчи? Эслатмалар МЕНИНГ ШАХСИЙ САЁҲАТИМ МАСИҲИЙЛИКНИ РАД ЭТМОҚЧИ БЎЛГАНИМДА НИМАЛАР ЮЗ БЕРДИ? Келлог коллежида ўқир эканман, қачонлардир сиёсат билан шуғулланиш мақсадида ҳуқуқшунослик мактабига киришга тайёрланардим. Бир қанча талабалар орасида ҳаёти умуман бошқаларникига ўхшамаган бир гуруҳ бўлиб, улар менинг диққатимни тортди. Пул, муваффақият ёки шон-шуҳрат учун яшаш ўрнига, бу талабалар бир-бирларига астойдил меҳр қўйишганди. Мен эса омади юришмаган оилада ўсгандим ва фермамизда ишчи бўлган Уэйн Бейли болалигимда бир неча йил давомида мени зўрлаб келган. Шу боис улардаги бир-бирига нисбатан ҳис этиб, намоён этишаётган севгини жуда-жуда истардим. Уларнинг ҳамма одамларга – ўз гуруҳидагиларга ҳам, бегоналарга ҳам бўлган севгиси – менга жуда ғалати туюларди. Аммо мен бундай севгига ўта муҳтож эдим. Шу билан биргаликда, ўзига ишончсиз одам бўлганим боис гап кавлаштиришга ҳушим йўқ эди. Уларнинг юрагим тубига яширинган жароҳат ва ўша оғриқни билишларини истамасдим. Аммо уларнинг сирини билиб олиш умидида ўзим дўстлашишга уриндим. Бир куни, талабалар иттифоқида стол атрофида ўтирганимизда худди тасодифан қилгандек, шу гуруҳдаги бир қизга савол бердим: унинг кампусдаги бошқа талабалар ва ўқитувчиларга унчалик ўхшамаслигининг сабаби нимада? Гўёки бу ҳақда шунчаки сўраётгандек қиёфага кирдим, лекин буни билишни ҳақиқатан ҳам жуда истаётгандим. Бу қиз енгил табассум қилиб, кўзларимга тик қаради ва кампусимизда ҳеч кимдан кутилмаган жавобни икки оғиз сўз билан айтди. У оддий қилиб деди: – Исо Масиҳ. Бунга жавобан, ўйлаб ўтирмай бидирлаб ташладим: — Фақат дин ҳақидаги беҳуда гапларни гапириш керак эмас. Мен дин, черков ва Муқаддас Китоб ҳақидаги гаплардан тўйиб бўлганман. Унинг нозик жойига тегиб кетдим, шекилли, чунки қиз худди шундай қизиққонлик билан эътироз билдирди: – Жаноб, мен сизга дин ҳақида гапираётганим йўқ. Сизга Исо Масиҳнинг шахси ҳақида сўзлаяпман. Қўполлик қилиш хаёлимда ҳам йўқ эди, шу боис кескинлигим учун дарров узр сўрадим. Лекин шунда ҳам, масиҳийлар – ҳаммаси бирдай омадсиз, дин эса шахсан менинг кўнглимни айнитади, деб ўйладим. Икки минг йил олдин ўлган кимдир қандай қилиб бугун менинг ҳаётимга алоқадор бўлиши мумкин? Ҳайрон қолган жойим, талабаларнинг бу гуруҳи менга фикран қарши чиқаётганди: ўзим ҳаммасини текшириб кўриб, Масиҳ Ўзи ҳақида нима деганига ишонч ҳосил қилсам нима бўлади? Аслида Каломни, Исонинг илоҳийлиги ва Унинг тирилиши ҳақидаги тарихий гувоҳликларни ўрганиш ҳақиқатан ҳам оддий вазифа эмасди. Ана шундай қилиб, коллежни ташладим ва омадим юришган бўёқчилик бизнесидаги жамғарган пулларимдан фойдаланиб, масиҳийликни инкор қиладиган далилларни тўплаш учун Қўшма Штатлар, Англия ва Яқин Шарқни кезишга тушдим. Бизнинг давримизда китоблар, маҳаллий кутубхоналар ва Интернетда бундай далиллар кўп. Лекин 1950 йилларда уларни фақат ўзинг бутун дунё бўйлаб кутубхоналар ва университетлардан излаб топишинг мумкин эди. Мен масиҳийликнинг устидан кулиш учун йўлга тушдим. Топганларим эса ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Бир гал кечқурун тадқиқотларда ўтказган кўп ойлардан сўнг, чарчоқни ҳис қилиб, Лондондаги бир кутубхонада ёлғиз ўтиргандим. Тўсатдан худди менга мурожаат қилаётгандек овоз эшитилди. Одатда мен ҳеч қанақа ғайритабиий овозлар эшитмасдим, шу боис, бу воқеа мени таажжублантирди ва титратиб юборди. Овоз шундай деди: «Жош, сен шу тариқа бирорта ҳам арзигулик исбот топа олмадинг-а». Мен бунга жавобан ўзимда пайдо бўлган ҳиссиётларимни босдим. Пировардида, мен масиҳийлик нотўғрилигини исботламоқчиман, уни қабул қилмоқчи эмасман-ку. Шуниси қизиқки, энди мен деярли ҳар куни худди шу овозни баландроқ, баландроқ ва янада баландроқ эшита бошладим! Масиҳийликни инкор қилувчи материалларга кўпроқ кириб бораверганим сайин улар мени мақсад қилган хулосамга қарама-қарши бўлган натижага олиб бораётганди. Мен ўз олдимга масиҳийликнинг шармандасини чиқариш мақсадини қўйгандим, аммо тадқиқотларим мени Муқаддас Китобга, Исо – Худо эканлиги ва У ўлганидан уч кундан кейин тирилганига ишонишга олиб келди. Бироқ ҳатто бу ҳақиқат эканлиги тушунарли бўлганидан кейин ҳам, мен аввалига ўз ҳаётимни Масиҳга эргашиш учун бағишлашга қаршилик қилиб туриб олдим. Одамлар мен ҳақимда нима деб ўйлаши ва масиҳий бўлиш нималарга олиб келиши мумкинлигидан қўрқардим. Лекин энди, Масиҳга эргаша бошлаганимдан эллик йил ўтгач, бу менинг ҳаётимдаги энг яхши қарор бўлганини самимий ва чин дилдан айта оламан. Масиҳийликнинг ҳақиқийлигига бўлган бу далиллар менинг диққатимни тортди, бироқ охир-оқибатда менинг юрагимни Худонинг севгиси эгаллади, бу севги саёҳатимнинг бошланишидаёқ ўша талабаларнинг ҳаётида жуда яққол намоён бўлганди. «Тирилиш ва сиз», бу – мен ва ўғлим Шон ҳаммуаллифлигида яратилган китоб. Агар сиз Масиҳга ишонсангиз, у ҳолда бу китоб сизнинг эътиқодингиз мустаҳкам асос устига қурилганини исботловчи далилларни ўзингизга таклиф қилади. Эҳтимол, сиз бунда келтирилган фикрларга қўшилган ҳолда, ушбу китобни масиҳий бўлмаган дўстингиз билан ҳам баҳам кўриш ҳақида ўйлаб кўрарсиз? Агар сиз масиҳийликка ишончсиз муносабатда бўлсангиз, сиздан илтимосимиз фақат шу, – уни аввал янглиш чиқарилган хулосасиз ўқиб чиқинг. Агар Исо ҳақиқатан ҳам қайтадан тирилиб – Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилган бўлса (қаранг: Рим. 1:4), у ҳолда ҳаётда Унга эргашишдан муҳим нарса йўқ. Агар Исо ўликдан тирилмаган бўлса, у ҳолда сиз ҳеч нарса йўқотмайсиз – бу атиги муваффақиятсиз бир уриниш бўлади, холос. Бу дунёни ҳеч ким Исо Масиҳ ўзгартирганидек ўзгартира олмаган. У ҳали ҳам умрларни ўзгартириш устида ишламоқда. Энди эса, келинг, тирилишнинг исботларини кўриб чиқамиз ва бу сиз учун нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўрамиз. Жош Макдауэлл 1-БОБ ТИРИЛИШ НЕГА БУНЧАЛИК МУҲИМ? ДУНЁНИНГ ЯГОНА УМИДИ Даҳрийларнинг веб-сайтида бир қиз жойлаштирган изоҳга қаранг: Мен саросимадаман… Ҳар доим фан ҳамма муаммоларимга даво бўлишига ишонардим, аммо агар мангу ҳаёт бўлмаса, бундан кейин ҳам аввалгидек яшашимга ишона олмаяпман. Менимча, бу беъманилик орасида қандайдир кун кечириш учун ўзим мустақил равишда йўл излашим керак. Шунчаки менга абадий ҳаёт йўлини кўрсатиши мумкин бўлган кимдир топилишини истаяпман. Агар ҳатто фан ҳам жавоблар таклиф қила олмаса, унда ким таклиф қила олади?! *маъюс смайл* Умримизга маъно берадиган қандайдир юксак куч бордек туюлмаяптими, ахир? Фан йўқ дейди... нима ҳам дердик, йўқми – демак йўқ1. Сизга фикрларнинг худди шу қиз ўйлагандек оқими танишми? Сизга бу ҳасрат танишми? Бу даҳрий коинотда ҳамма нарсадан устун турувчи маъно борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳатто буюк ва нуфузли файласуф Бертран Рассел ҳам даҳрий олам аслида маъносиз эканлигини тушунганди2. Умид – бугунги кунда мана шу бизнинг маданиятимизга етишмаяпти. Агар ҳаёт, ҳозир мана шу жафокаш сайёрада кўринганидек бўлса, – бу ҳаммаси бўлса ва бошқа ҳеч нарса бўлмаса, у ҳолда мавжудлик ҳақиқатан ҳам маъносиздир, демак ўша қиз айтганидек, «мустақил равишда йўл излаш зарур». У қолган нарсаларга маъно берувчи фақат бир нарса – абадий ҳаёт борлигини тушунади. Қачонлардир у фан одамлар абадий яшаши мумкин бўлган усулни излаб топишига умид қилган, лекин вақт ўтиб, фан бунга қодир эмаслигини тушунган. Ўтмишда қачонлардир ҳаётни ҳақиқатан ҳам яхши томонга ўзгартириб юборишига қаттиқ ишонишиб, Инсонга умид боғлаган одамларнинг жипслашган гуруҳи бўлган. Жўшқин ишонч билан бирлашган бир тўда яҳудийлар Исо исмли Одамни Масиҳ – уларни Рим ҳукмронлигидан халос қиладиган ва Ер юзида чиндан ҳам адолатли шоҳлик ўрнатадиган деб ҳисоблашган. Уларнинг пайғамбари Ишаё қадимги яҳудий битикларида Масиҳ келиб ҳамма нарсани жаннатда бўлган кўринишда тиклашини ва на урушлар, на жабр-зулм, на қўрқув, на ўлим бўлмаслигини башорат қилган (қаранг: Иш. 11, 35). Ўшанда ҳамма бир-бири билан тотувликда, абадий яшайди. Исо издошларининг бу кичик гуруҳи Масиҳ, Рим хочида ўлимга маҳкум қилинганида, уларнинг нажоткори худди оддий жиноятчи каби сўнгги нафас олаётганини ўз кўзлари билан кўрганида, уларнинг руҳий ва ҳиссий ҳолати қандай бўлганини бир тасаввур қилинг. Улар Унга эргашиш учун ҳамма нарсани қолдириб кетгандилар. Бироқ мана У хочга михланган. Ўлаяпти! У билан бирга улар Унга боғлаган ҳамма умидлар ўлаяпти. Унинг издошлари ўзларини худди биз юқорида сўзларидан иқтибос келтирган қиздек ҳис қилишган, шекилли. Ҳаёт маъносиз кўринган. Бошқа умид қолмаган. Ўнғайсиз ҳолатдан чиқиш, идеал, абадий ҳаётга ҳеч қандай йўл қолмагандек кўринарди. Магдалалик Марям Исо Масиҳнинг ана шу издошларидан бири эди. Марям ўзидаги пуллар билан Унинг хизматини қўллаб-қувватларди ва У – ерга абадий ҳаёт келтириши учун Худо танлаган Зот эканлигига ишонарди. У хоч ёнида турганди ва Устозни шафқатсизларча жазолашганини ўз кўзлари билан кўрган. Бу чуқур изтироб унинг бутун ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборгандек туюларди. Римликлар Исони ўлган деб ҳисоблаб, Уни хочдан тушириб олиб, янги сағанага кўмиш учун жасадини бой яҳудий оқсоқолга беришди. Руҳни эзадиган бу томошани бошқа кўришга кучи етмаган Марям дафн маросими тугагач, Унинг қабрига келишга қарор қилиб, қатлгоҳни тарк этди. Якшанба куни саҳарда Марям Масиҳнинг дахмаси ёнига борди ва у ерда уни яна бир руҳий ларза кутиб турарди. Исо адолатсиз қатл этилгани етмагандек, магдалалик Марям қабр очилгани ва Исонинг танаси йўқолганини кўрди. Кимдир жасадни ўғирлаган деб қўрққан Марям кўрганларини айтиб бериш учун Исонинг икки издоши – Бутрус ва Юҳаннонинг ёнига чопиб кетди. Жуда эсанкираб қолган, Марямнинг бирорта ҳам сўзига ишонмаган бу икки эркак унинг ҳикояси ростлигига шахсан ишонч ҳосил қилиш учун дахма томонга югурди. Етиб боргач, улар фақат ғижимланган кафанни кўришди, аммо жасаднинг ўзи ҳеч қаерда йўқ эди. Қўрқиб кетган ва саросимага тушган икки шогирд уйга қайтди. Магдалалик Марям уларнинг ортидан келарди. Мақбарага охирги марта яна бир қараб олиш учун тўхтаб қолган Марям уни лол қолдирган ҳодисани кўрди: дахманинг ичида ялтироқ кийимли икки фаришта ўтирарди. – Нега йиғлаяпсан? – деб сўради фаришталар. – Раббимни олиб кетишибди, – жавоб берди у – Уни қаерга қўйишганини билмайман (қаранг: Юҳ. 20:13). У ўгирилди ва шунда унинг кўз олдида яна ҳам ғаройиб манзара пайдо бўлди: Исо унинг рўпарасида тирик турарди! Лекин ғалати ҳолат, Исони таниш ўрнига Марям Уни боғбон деб қабул қилди. Масиҳ ҳам унга худди шу саволни берди: – Муҳтарама аёл, нега йиғлаяпсан? Ҳали ҳам Ким билан гаплашаётганига шубҳа қилмаётган магдалалик Марям шивирлаб жавоб берди: – Тақсир, агар сиз Уни олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай (қаранг: Юҳ. 20:15). Шунда, Исо ҳайратомуз мулойимлик билан унинг исмини айтиб чақирди: – Марям! – Устозим! – тўсатдан Уни таниб қолиб хитоб қилди Марям (қаранг: Юҳ. 20:16). Исо Марямнинг рўпарасида тирик, бус-бутун ва бешикаст турарди, чунки ўлим ваъда қилинган Нажоткорни ололмасди. Худо Унинг бош вазифаси якунланиши ҳамда хаста ва ўлаётган дунёга абадий ҳаёт келтириши учун Исони тирилтирганди. Бизнинг тирилишга бўлган умидимиз Масиҳ хочда бўлганида, ҳамма нарса йўқотилгандек туюлганди. Ўлим ғалаба қилди. Лекин бой одамнинг дахмасида уч кун бўлганидан сўнг, Исо тирилиб яна пайдо бўлди. Бу ҳақидаги хабар Унинг издошларини шунчалик ларзага солдики, токи Исонинг Ўзи уларга жисмонан кўринмагунича ҳамда кафтлари ва товонларидаги мих изларини ўз кўзлари билан кўришни таклиф қилмагунича, бунга ишонишдан бош тортишди. Шундан сўнг Исо шогирдларига ҳайратомуз сўзлар билан мурожаат қилди: келажакда уларда ҳам худди Ўзиникига ўхшаш тирилган тана бўлади, бу таналар касаллик, қариш ва чиришга учрамайди. Уларда Ер юзидаги ҳаётларига маъно бағишлайдиган буюк умид пайдо бўлади, акс ҳолда бу умрнинг ҳеч бир аҳамияти қолмайди. Улар ўзларини севадиган Худо ҳузурида ўлимсиз ва азобларсиз мангу ҳаётга эга бўладилар. Ишончини йўқотган дунёга масиҳийлик таклиф қиладиган ўша буюк умид шундай, – ўлгандан сўнг тирилиш ва чексиз қувончга тўла, оғриқсиз ва азобсиз ҳаёт. Кўплаб танқидчилар бизга нималар дейишмасин, тирилишга ишониш бизга “ҳеч қандай амалий фойда бермайди” деб айтиш мумкин эмас. Аслида у бизга келажакка умид беради ва бевосита одамларга, яралишга муносабатимизга шу ерда ва ҳозирдаёқ таъсир қилади. Абадий ҳаётга бўлган ана шу умид – умидсиз дунёдаги мавжудлигимизни сал бўлсада ранг-баранг қилиш учун ўйлаб топилган қандайдир “хомхаёл” эмас; бу яққол далилларга асосланган эътиқод. Биз бу рад этиб бўлмас далилларни ўз рисоламизда кўриб чиқамиз. Тирилишнинг бирламчи аҳамияти Тирилишнинг тарихий далили, бу – масиҳийлик эътиқодининг асосидир. Бу эътиқоднинг қандайдир мажбурий бўлмаган ақидаси эмас – бу эътиқоднинг ўзидир! Исо Масиҳнинг тирилиши ва масиҳийлик бир-бирисиз мавжуд бўла олмайди. Бири бошқасисиз ҳақиқат бўла олмайди. Масиҳийликнинг ҳақиқийлигига ишонч, бу – шунчаки бизнинг ёки яна кимнингдир эътиқодига ишонч эмас, балки ўликдан тирилган, чиндан мавжуд бўлган Масиҳга ишончдир. Исонинг тарихий тирилишисиз масиҳийлик эътиқоди ҳомила йўлдошидан бошқа нарса бўлмай қоларди. Ҳеч муболағасиз жисмоний тирилишсиз биз Худо, жамоат (черков) ва ахлоқий қоидаларга риоя қилишни унутишимиз мумкин. Худди шу тарзда биз ўзимизга: “келинг, еб-ичайлик, чунки эртага ўламиз!” (1 Кор. 15:32) деб айтишимиз мумкин. Бошқа томондан, агар У кўмилган ва тирилган бўлса (қаранг: 1 Кор. 15:4), У айни пайтда ҳам тирик ва биз Уни шахсан танишимиз мумкин. Бизнинг гуноҳларимиз кечирилган (қаранг: 1 Кор. 15:3) ва “бу ўладиган вужуд ўлмайдиган бўлиб қолган” (қаранг: 1 Кор. 15:54). Бунинг устига, У бир кун келиб биз ҳам тирилишимизни ваъда қилаяпти (қаранг: 1 Кор. 15:22). Биз Ундан умидвор бўламиз, чунки “Худованд борлиқни Масиҳнинг оёқлари остига ташлаб, Унга тобе қилди” (қаранг: 1 Кор. 15:27). Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба бахш этган (қаранг: 1 Кор. 15:57) ва ҳаёт маънога тўлган (қаранг: 1 Кор. 15:58). Британиялик олим Н.Т.Райт нима учун тирилиш жамоат (черков) ҳаётида марказий ўрин эгаллашини тушунтириб беради: Илк масиҳийликнинг тадқиқотчи олимлар томонидан ўйлаб топилган, Исо хочда шармандали ўлим топгач, Худо Уни яна ҳаётга қайтарганини таъкидлаб ўтадиган баъзи шакллари мавжуд бўлсада, илк масиҳийликнинг бирор ягона шакли мавжуд эмас. Ҳаворий Павлус давридаёқ, яъни бизнинг энг дастлабки ёзма манбаларимизда Исонинг тирилиши, бу – эътиқоднинг шунчаки қандайдир алоҳида, махсус ажралиб турган ақидаси эмас. Бу масиҳийлик ҳаёти ва мазмунининг тузилишига сингиб кетган3. Гарчи Исонинг тирилиши, бу – шунчаки тарихий далилдан ҳам ортиқ гувоҳлик бўлсада, айни пайтда бу айнан далилнинг ўзидир. Бундан буён биз ушбу ҳодиса ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтганининг рад этиб бўлмас далиллари борлигини кўрсатамиз. Тирилишнинг шахсий мазмуни. Ўлим қўрқувидан озод бўлиш Одамлар учун ўлимдан қўрқиш одатий ҳол. Тирик бўлмасликни тасаввур қилиш ўта қийин бўлиши билан бирга, қўрқинчли ҳамдир. Агар мулоҳаза қилиб кўрсак, биз нега ўлимдан қўрқамиз? Олтита сабабни таклиф қилишга ижозат беринг4: 1. Ўлим сирли ва англаб бўлмасдир. 2. Биз ўлимни якка ҳолда қарши олишимиз керак. 3. Биз ўзимиз яхши кўрган одамларни ташлаб кетамиз. 4. Бизнинг шахсий умидларимиз ва орзуларимиз рўёбга чиқмай қолиб кетади. 5. Эҳтимол, биз изсиз йўқоламиз. 6. Ўлимдан қочиб бўлмайди. Муқаддас Китоб гарчи ўлимнинг ҳиссий қийин жиҳатларидан тўлиқ халос бўлишимизни ваъда қилмасада, ҳар ҳолда ўлимнинг фалаж қилувчи қўрқуви устидан ғалабага бемалол эриша олишимизни бизга айтади. Муқаддас Китобнинг тирилиш ҳақидаги таълимотини асл тушуниш бизни мавҳумликка охирги саёҳатдан олдин бўладиган саросимали қўрқувимиздан халос қилади. Тирилиш – бизнинг қийинчиликларимиз, тушкунлигимиз ва хавотирларимиз қанчалик ҳолдан тойдирувчи ва вайрон қилувчи бўлмасин, улар барибир ўткинчи эканлигини яққол тушунтиради. Сизга нима бўлишидан қатъий назар, фожиангиз ва оғриғингиз қанчалик кучли ва чуқур бўлмасин, ўлим сизни ва сизнинг яхши кўрган одамларингизни қанчалик таъқиб этмасин, тирилиш сизга чексиз фаровон келажакни ваъда қилади. Умидларимиз ва орзуларимизнинг амалга ошиши Фантаст ёзувчи Айзек Азимов: «Мен нариги дунёга ишонмайман, шунинг учун бутун умримни дўзахдан қўрқиш, янада кўпроғи – жаннатдан қўрқишга сарфлашимга тўғри келмайди. Дўзах азоблари қанчалик бўлишидан қатъий назар, жаннатда зерикиш яна ҳам ёмонроқ бўлади деб ўйлайман»5 деб ёзганида кўпчиликнинг ўлимдан кейинги ҳаётга нисбатан нуқтаи назарини баён қилганди. Қанчалик қайғули бўлмасин, ўлимдан кейинги ҳаётга бундай қараш ҳаттоки масиҳийлар орасида ҳам тарқалган. Бизнинг осмон ҳақидаги тасаввурларимиз кўпинча чўзилиб кетган, зерикарли ва таъсирсиз жамоат (черков) хизмати билан чекланиб қолган. Яна кўплар эса карикатураларни томоша қилавериб ва латифаларни эшитавериб, осмонни биз арфалар торини чертиб, узун оқ либосларда булутлар орасида санғиб юрадиган жой деб қабул қилади. Нимадир бўлгану, бизнинг самовий қиёфамиз таниб бўлмас даражада бузиб кўрсатилиб, бўрттириб тасвирлаган ва ўлимдан кейинги ҳаёт истиқболи эндиликда тасаввуримизга сиғмаяпти ёки ҳаётимизни ўзгартиришга кўмаклаша олмаяпти. Мен (Шон) яқинда талабаларимга савол бердим: агар улар ўлиши ва осмонга жўнашига уч кун қолган бўлса, нима қилишган бўларди? Жавоблар орасида парашютни анча вақт очмай сакрашлар ҳам, саёҳатлар ҳам, сёрфинг ҳам ва (албатта) жинсий алоқа ҳам бор эди. Биринчи саволнинг ортидан яна бир оддий савол бердим: «Демак, сизнингча, бу ҳаётда ўлишдан олдин албатта татиб кўриш мумкин бўлган лаззатлар бор, акс ҳолда улар осмонда йўқлиги учун ҳеч қачон бу лаззатларни татиб кўра олмайсизлар, шундайми?» Икки талабадан бошқа ҳамма “ҳа” деб жавоб берди. Охиратдаги ҳаёт истиқболи уларни гангитиб қўйган ва кўнглини совутганди. Ҳаётни бундай нотўғри кўриш одамларни тушкунликка тушиш ва гуноҳга бошлайди. Кўпчиликка агар улар ҳозир қандайдир лаззатлардан татиб кўрмаса, кейин уларда бундай имконият бўлмайдигандек ва улар бу лаззатлар нима эканлигини ҳеч қачон била олмайдигандек туюлади. Улар шу нуқтаи назарни қабул қилишади, чунки уларнинг онгида осмон аслида нимага ўхшашлиги ҳақида нотўғри тасаввур ўрнашиб қолган. Бизни жуда кўпинча янги осмон ва янги ерни жисмоний табиатдан узоқ қандайдир борлиқ сифатида тасаввур этиб, уларни илоҳийлаштиришга ўргатишган. Аксарият ҳолларда, одамлар бирор нарсани илоҳий деб аташганида, у жисмоний табиатга эга эмас деб ўйлашади. Бу кенг тарқалган адашиш сабаби бўлиб қолди ва гўёки Худоннинг жисмоний яратуви нимаси биландир ҳақиқатан ҳам илоҳий нарсалар, жумладан осмон олдида пастроқ туради, деган тасаввурга олиб келди. Кўпчилик самода биз руҳий мавжудотлар бўлишимизга ҳам ишонади, улар буни бизда сезиб бўладиган, моддий, чин маънодаги жисмоний бадани бўлмаган руҳий мавжудотлар деб тушунади. Бу нуқтаи назар кўпчиликни фақат руҳий нарсалар яхши, жисмонийлари эса – қандайдир вақтинчалик, бир марталик ва ҳаттоки нимаси биландир ёвуз деб ҳисоблашга мажбур қилиб, жисмоний ва руҳий нарсаларни Муқаддас Китобга хос бўлмаган тақсимлашга олиб келади. Бундай нуқтаи назарнинг жиддий салбий жиҳатлари бор. Шундай ишонч тарафдори бўлган одамлар дунёни яратишнинг ҳар бир куни сўнггида Худо Ўзи яратган нарсалар “яхши” эканлигини эълон қилганини унутишга мойилдирлар. У атомлар ва молекулалардан, ҳужайралар ва Ер тупроғидан яратган ҳамма нарсани “яхши” деб атаган. Янги осмон ва янги ер фақатгина илоҳий (яъни жисмоний бўлмаган) бўлиши мумкин эмас, чунки бизнинг жисмоний танамиз тирилади. Жисмоний бўлмаган тирилиш бу – худди рангсиз камалак кабидир. Бири бошқасига зид келади! Ҳаворий Павлус сиз билан бизнинг тирилишимизни тасвирлар экан, шундай дейди: Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгариб кетамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар яна ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз, ҳаёт бўлганлар ҳам ўзгариб кетамиз. Бу ўткинчи баданимиз чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган вужудга бурканиши керак. Ўткинчи бадан чиримайдиган, ўладиган вужудимиз ўлмайдиган бўлиб қолган пайтда, “ўлимни ғалаба енгди” деган оят амалга ошади (қаранг: 1 Кор. 15:52-54). Ҳаворий Павлус бизга бадансиз руҳ бўлишимизни гапирмаяпти. Аслида у бунинг тескарисини айтаяпти. Бизнинг баданимиз бўлади – худди ҳозиргига ўхшаш танамиз бўлади, лекин бу баданлар ўлмас бўлади. Улар энди касаллик, ёш ва ўлимнинг вайронкор таъсирига берилмайди ва ҳеч қачон ўлмайди. Бу баданлар ҳар бир тафсилотида мутлақо мукаммал бўлиб, гўзал, ғаройиб кучли, абадий соғлом, қариш ҳамда ўлим таъсирига тушмайдиган бўлади. Ҳозир биз яшаётган дунё Худо янги осмон ва янги ерни инъом этганида биз ҳис қиладиган қувончлар ва роҳатларга ўхшашларини кўриш имкониятини беради (қаранг: Ваҳ. 21). Рэнди Алькорн ўзининг “Осмон” китобида буни қуйидагича изоҳлайди: «Биз бутун умримиз давомида янги ер ҳақида орзу қилдик. Ҳар гал сувда, шамолда, ғунчада, буғуда, эркак, аёл ёки гўдакда гўзалликни кўрганимизда, биз осмонга ўхшашликни пайқаймиз. Янги ер Боғи Эрам каби гўзаллик руҳини, тўлақонли шахсий муносабатларни ва инсоний қувончни қамраб оладиган ҳиссий ҳузурланиш жойи бўлади»6. Биз қандайдир ҳаддан ортиқ тозаланган муҳитда яшамаймиз ёки нима билан машғул бўлишни билмай, адоқсиз булутлар орасида сузиб юрмаймиз. Биз мутлақо янги ерда – худди ҳозиргидек бўлган, лекин тўфонлар, зилзилалар, қурғоқчилик ва тошқинлар ёки бошқа ҳар қандай табиий ҳалокатлар бўлмаган ерда яшаймиз. Ҳамма нарса енгил ва осон ўсади, ажриқлар ва тиканлар эса умуман бўлмайди. Ҳайвонлар бизга шикаст етказмайди, аксинча, бизга худди ўзларининг етакчилари ва валинеъмати сифатида хайрихоҳлик билан қарайди. Гарчи биз янги ерда ўз тириклигимизни бутун тафсилотлари билан тасаввур қила олмасакда, бир нарсага мутлақо ишончимиз комил бўлиши мумкин: Худо бизни шодликлар учун яратган. Гарчи эндиликда барча шодликлар инсоннинг исёни боис бузиб кўрсатилган бўлсада, Худонинг нияти – бу қувончларнинг бирортаси ҳам йўқолмасин. Яратилган ҳамма нарса қайта тикланади. Худо Ўзининг бизга бўлган чуқур севгиси туфайли, У бизни яратганидаёқ азалдан ўйлаб қўйган ҳамма лаззатларни татиб кўришимизни истайди. 2-БОБ БИЗ ТИРИЛИШ ЧИНДАН ҲАМ СОДИР БЎЛГАНИНИ АНИҚ БИЛИШИМИЗ МУМКИНМИ? БУ ҲАҚИҚАТМИ? БУНГА ИШОНСА БЎЛАДИМИ? Исонинг тирилиши ё бўлган ёки бўлмаган. Бу объектив воқелик бўлиб, шу боис бир киши учун ҳақиқат, бошқаси учун ёлғон бўлиши мумкин эмас. Бу бизга қаердан маълум? Мен (Шон) ўз талабаларим билан қуйидаги тажрибани ўтказдим. Уларнинг олдига ўйин учун шиша шарчалар солинган банкани қўйиб, уларга савол бердим: «Банкада нечта шарча бор?» Уларнинг ҳаммаси чамалаб, турлича жавоб берди: 221, 168 ва ҳоказо. Уларга 188 рақами тўғри эканини айтганимдан сўнг, сўрадим: «Қайси бирингиз тўғри жавобга энг яқин келдингиз?» 168 сони банкадаги шарчалар сонига энг яқин деган қарорга келгач, улар шарчалар сони бу – шахсий дидга боғлиқ бўлмаган объектив далил эканлигини тушунишди ва шунга рози бўлишди. Кейин мен анвойи печеньелар тўплами жойланган қутини олдим, ҳар бир талабага биттадан бердим ва сўрадим: «Қайси печенье энг ширин?» Худди кутилганидек, улар буни бемаъни савол деб ҳисоблашди, чунки нима ширин, нима ширин эмаслиги тўғрисида ҳар бирининг ўз тушунчаси бор эди. «Мутлақо тўғри, – якун ясадим мен, – ширинлилик у ёки бу одамнинг таъбига қараб белгиланади. Бу объектив далил эмас, балки субъектив фикр ёки шахсий дид масаласи». Кейин мен сўрадим: «Диний таъкидларни худди банкадаги шиша шарчалар сони каби объектив далил деб ҳисоблаш мумкинми ёки улар – у ёки бу печеньени маъқул кўриш каби шахсий фикр масаласи холосми?» Талабаларнинг аксарияти диний таъкидлар кўпроқ ширинлилик таъби тоифасига киради деган фикрга келишди. Ана шуни рад эта туриб, биз масиҳийликнинг объектив таъкидларини муҳокама қилишга ўтдик. Мен масиҳийлик объектив тарихий далил – Исонинг тирилишига асосланишини кўрсатдим. Шу билан бирга, мен талабаларимга кўп одамлар Исонинг тарихий тирилишини рад этишлари мумкинлигини, бу “сен учун ҳақиқат, аммо мен учун ёлғон” қабилидаги таъкидлардан эмаслигини эслатдим. Дахма учинчи куни ё бўш бўлган ёки банд бўлган – учинчи ҳолат бўлиши мумкин эмас. Кимдир Исо тирилишининг ўзгартирувчи кучини англай олишидан олдин, шахсий таъби билан эмас, балки объектив далил билан иш кўраётганини тушуниб олиши шарт. Исо ўликдан тирилдими ёки йўқми, деган саволга тўғри жавобни қидиришга қандай киришиш лозим? Танқидий фикрловчи тарихчи инсон шоҳидларнинг гувоҳлиги ишончлилигини текшириб кўради, хочга михланиши натижасида Исо ўлгани далилига ишонч ҳосил қилади, дафн маросимлари материалларини ўрганиб чиқади ва бўшаб қолган дахма ҳақидаги ҳамда учинчи куни Исони тирик кўришгани тўғрисидаги хабарларнинг ростлигига ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг ҳодисанинг эҳтимол тутилган барча муқобил изоҳларини кўриб чиқиш маънога эга бўларди. Қизиқарли, тўғрими? Ундай бўлса, йўлимизда давом этамиз, чунки ушбу рисоланинг қолган қисмида биз айнан шу билан машғул бўламиз. Мўъжизалар ҳақидаги ҳикоялар далилнинг ишончлилигини шубҳа остига қўядими? Бироқ, авваламбор, биз тирилишнинг далилларини очиқ ўрганишдан олдин, мўъжизалар рўй бериши мумкин ёки мумкин эмаслигини кўриб чиқишимиз керак. Агар мўъжизалар иложсиз бўлса, у ҳолда тирилиш ҳам мумкин бўлмасди ва биз бўлиб ўтган ҳодисаларни тушунтиришга хизмат қилиши мумкин бўлган қандайдир бошқа табиий сабабларни ахтаришимиз лозим бўларди. Лекин, мўъжизалар ҳам содир бўлиши мумкин-ку, деган хулосага келсак, унда аввалдан хато фикрлаб ўтирмай, кейинги далиллар учун очиқчасига йўл тутамиз. Тадқиқотимиз давомида Янги Аҳд тадқиқотчиси доктор Крэйг Бломберг кўрсатган иккита муҳим мулоҳазани инобатга олиш ўринли бўларди: Гап мўъжизалар ҳақидаги ҳикояларнинг ростлигига бориб тақалганда, ҳатто энг жўшқин тақводор одам ҳам скептик билан баҳам кўриши зарур бўлган қандайдир интуитив туйғу бор. Бунинг устига, ҳатто мўъжизалар эҳтимолига рози бўладиган одам ҳам барибир қандайдир ғайритабиий ҳодисалар ҳақидаги ҳар бир ғалати қиссага ишонишга шошилавермайди1. Бошқача қилиб айтганда, ҳар гал табиатнинг биз учун одатий бўлган қонунларига зид келадиган бирор воқеа ҳақида эшитганимизда, биз уни ишонқирамай қабул қиламиз. Шунинг учун биз эшитганларимизни табиат қандай ҳаракат қилиши билан таққослаймиз. Чунки ҳеч ким аҳмоқ бўлиб қолишни истамайди. Табиатда ҳамма нарса олдиндан айтиб бериш мумкин бўлган ҳолда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ рўй бериши бизга маълум. Лекин шу билан бирга, мўъжизалар эҳтимолини фақат улар биз учун одатий бўлган доираларга сиғмагани учунгина рад этиб, бундай ҳодиса ҳақидаги гувоҳликларга олдиндан хато бўлган фикр билан муносабатда бўлмаслигимиз лозим. Авваламбор далиллар синчиклаб ўрганиб чиқилмасдан, тадқиқотнинг натижаси қандай бўлиши ҳақида қарор чиқариш шунчаки ноилмийлик бўларди. Кўргазмали қурол сифатида қуйидаги воқеани кўриб чиқамиз. 18-асрнинг охирида Ғарб дунёси биринчи марта ўрдакбурун деган ҳайвон билан танишди. Австралиянинг бу жайдари ҳайвони қуён ўлчамидаги тана ҳажмига эга бўлиб, бутунлай жун қоплаган ва панжалари пардалидир. Бироқ у тухум қўяди – яъни ўрмалаб юрадиган ҳайвонлар каби кўпаяди! Ўрдакбуруннинг терисини биринчи марта Европага олиб келишганида, бу янгилик оммавий таажжубни келтириб чиқарди. Бу нима – сут эмизувчими ёки судралиб юрувчими? Ўрдакбурун шунчалик ёввойи мавжудот бўлиб чиқдики – ҳамма томоша қилиши учун қўйилган теридек яққол кўриниб турган далилга, шунингдек, ўрдакбурунни шахсан кўрган кишиларнинг ҳикояларига қарамай, – аксарият лондонликлар бу бутун воқеага худди алдамчиликка қарагандек қарашди. Фақат бўғоз урғочи ўрдакбурун отиб ўлдирилиб, барча кўришни ихтиёр қилган бу ҳайвон Лондонга юборилганидан кейингина, одамлар ўрдакбурун ҳақидаги ҳикоялар ҳақиқат эканлигига аста-секин ишонишди. Лекин ўшанга қадар буюк мутафаккирларнинг кўпчилиги ўрдакбурун мавжудлигини тан олишмади, бошқалари эса унинг жисмоний тузилиши ноёблиги ҳақидаги таъкидларни шубҳа остига олишди. Масиҳий ваъзхони Росс Клиффорднинг сўзларига қараганда, муаммо “бу далил баъзи одамларнинг бизнинг дунёмиз қандай яшаётгани ҳақидаги тушунчаларига тўғри келмаслигида бўлиб, шунинг учун бу одамлар ўрдакбурунни инкор қилишди ва гарчи барча далиллар йиғиндиси тескарисини айтиб турган бўлсада, ўзларининг инкор қилувчи ҳукмини чиқаришди”2. Одамларнинг ўрдакбурун билан бўлган воқеага муносабати кўпчилик тирилишга нисбатан қандай муносабатда бўлаётганига жуда ўхшайди. Аксарият одамлар шунчаки тирилишнинг далилларини эътиборга олишни хоҳламайди, чунки бундай ҳодиса уларнинг назаридаги дунё манзарасига тўғри келмайди. Бундай муносабат нарсаларга объектив қарашга лаёқатсизликни фош қилиши турган гап, бу эса далилларни кўриб чиқишда олдиндан хато фикрда бўлиш соғлом ақлдан устун келишига имкон беради. Авваламбор ҳар томонлама тадқиқ этиш ўрнига, мўъжизалар бўлиши мумкин эмас, – ёки ҳатто мўъжизалар онда-сонда бўлиб туради – деб хулоса чиқариш ўрнига, биз мўъжизалар бўлиши ёки бўлиши мумкин эмаслигини тан оладиган бетараф нуқтаи назарда бўлишимиз лозим. Шундагина биз гувоҳликларни объектив ўрганишимиз ва улар бизни қаерга бошлашини кўришимиз мумкин. Крэйг Бломберг фан қонунларининг асосланганини ҳимоя қиладиганларнинг ҳам, мўъжизалар мавжудлигини ҳимоя қиладиганларнинг ҳам нуқтаи назарини тушунтириб беради: Физиканинг бутун ҳайратомуз тараққиётига қарамай, ҳали ҳеч ким бир нарсани исботлаб бера олмаган: агар Худо бор бўлса – У яҳудийлар томонидан ҳам, масиҳийлар томонидан ҳам анъанавий тушунилса, у ҳолда нима учун Худо вақти-вақти билан қолган бошқа барча ҳолатларда табиатнинг ўзгармас қонунлари кучини тўхтатиб қўя олмайди ёки уларни буза олмайди. Физика фани, кўринишидан, ҳозирги вақтда худди илгари бир неча авлодларда бўлгани каби, Худо борлиги эҳтимолига кўп жиҳатдан тайёрдек3. Доктор Норман Гейслер буни қуйидагича шарҳлайди: Мўъжизаларга ишониш илмий методологиянинг яхлитлигини бузмайди, фақат унинг умумҳукмронлигини бузади, холос. Мўъжизаларга ишониш аслида фан ҳар қандай воқеани ҳам табиий ҳодиса сифатида тушунтиришга қодир эмаслиги, балки фақат мунтазам, такрорланиб турувчи ёки олдиндан айтиш мумкин бўлган воқеаларнигина тушунтиришга қодирлигини айтади4. Агар фақат биз Худо мавжуд эмас деган фикрга йўл қўйсакгина, мўъжизалар рўй беришининг иложи бўлмайди. Аммо даҳрийликда бунинг учун рад этиб бўлмайдиган ҳеч қандай далиллар йўқлиги боис, нафақат Худо дунёнинг ишларига бевосита аралашиш мумкинлигига, балки У шундай қилганининг шоҳидликларини кўриб чиқишга ҳам тайёр туришимиз зарур. Тарихнинг тасдиғи Бўш дахма, кафанлар, қабр оғзидан сурилган тош ва Исонинг намоён бўлиши бу – ё шунчаки хаёлот ёки воқелик. Тегишлича, ўша биринчи Фисиҳда аслида нима бўлганини аниқлаш учун тарихий тадқиқот зарур бўлади. Исонинг ўлими ва тирилиши гувоҳликларини бетарафлик билан, олдиндан хато фикрга бормай ва объектив ҳолда кўриб чиқиш зарур. Гарчи бизда бу масалага нисбатан шаклланган ўз хулосаларимиз бўлсада, улар тадқиқотнинг боришига таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз шарт. Гувоҳликлар ўзи учун жавоб бера қолсин. Тарихчи Рональд Сайдер ёзади: «Биз ўзимиз бевосита иштирокчиси бўлмаган ҳар бир тахмин қилинаётган ҳодисага нисбатан ишончли гувоҳликларни талаб қилишга ҳақлимиз, аммо фақат ўзимизнинг чекланган тажрибамизга таянибгина воқелик ҳақида мулоҳаза юритмаслигимиз шарт. Биз носиралик Исо тирилгани фойдасига ишончли далилларга эгамиз, деб тахмин қила оламан»5. Биз бу ерда аниқламоқчи бўлаётган нарса, бу – Битикларнинг тарихий ишончлилиги ва аниқлигидир. Гарчи ўқувчи ўзи учун Битиклар илоҳий илҳомга эга деб хулоса қилиши мумкин бўлсада, Исонинг ҳаёти, ўлими ва тирилишини тарихий ҳодиса сифатида тадқиқ этиш учун бундай хулоса зарур бўлмайди. Исонинг тирилиши тарихдаги ҳар қандай воқеага нисбатан қўлланадиган ўша мезонларга мувофиқ тадқиқ этилиши керак. Илк Жамоат (Черков)нинг ишончи мавжуд дунёдаги ишончли ҳодисаларга шоҳид бўлган одамларнинг гувоҳликларига асосланган эди. Мисол учун Хушхабарчи Луқо шундай деб ёзади: Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпларнинг ташаббуслари маълумдир. Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин... бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим, токи сиз берилган маълумотларнинг жуда асосли эканини билингиз (Луқо. 1:1–4). Луқо тарихий далилларни баён қилиш ниятида бўлган. Гувоҳларнинг ҳикоялари Масиҳ ҳақида Янги Аҳддаги гувоҳликлар ишончга сазоворлигининг сабабларидан бири улар шоҳидларнинг ўзи томонидан ёки шоҳидларнинг сўзидан ёзиб олинганлигидан иборат. Тарихчи доктор Луис Готтсчок ўзининг дастлабки манба аниқлигини тадқиқ этиш ҳақидаги асарида қуйидагиларни ёзган: «Ростини гапиришга қодирлик кўпинча гувоҳнинг ҳодисага яқинлигига боғлиқ бўлади. Бу ерда яқинлик ҳам географик маънода, ҳам хронологик маънода тушунилади»6. Янги Аҳд муаллифлари кимдандир эшитганларини шунчаки қайта сўзлаб беришмаган, балки ўзлари шахсан тадқиқ этган, кўп ҳолларда ўз кўзлари билан кўрган ҳодисаларни хабар қилишган: • Бутруснинг иккинчи мактубида (1:16) шундай дейилади: «Биз Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрат билан келиши ҳақида сизларга маълумот берганимизда, уйдирма афсоналарни гапириб келмадик. Унинг салобатини ўз кўзимиз билан кўрганмиз (курсив бизники. – Ж. ва Ш. М.). • Юҳаннонинг биринчи мактуби (1:1) бизга шуни хабар қилади “Азалдан бор бўлган Ҳаёт Каломи борасида биз эшитиб томоша қилган, кўзларимиз кўрган, қўлларимиз сезганини сизларга маълум қилмоқдамиз”. • Луқо Исо “азоб чекиб ўлгандан кейин, қирқ кун мобайнида ҳаворийларига зоҳир бўлиб... кўп ишонарли исботлар билан Ўзини барҳаёт қилиб кўрсатар эди” деб ёзади (Ҳав. 1:3). • Ҳаворийлар фаолияти китобида (2:32) ҳаворий Бутруснинг гувоҳлиги келтирилган: «Ана бу Исони Худо тирилтириб қўйди, биз ҳаммамиз эса бунинг гувоҳларимиз» (курсив бизники. – Ж. ва Ш. М.). • Юҳанно баён этган Хушхабар қуйидагиларни айтади: «Ана шу шогирд бу ишларнинг ҳаммасига гувоҳ бўлиб, сиз ишонишингиз учун уларни ёзиб олган. Унинг гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламиз.» (Юҳ. 19:35). Гарчи ўша гувоҳларга тажовуз қилишсада, уларни калтаклашиб, ҳибсга олишсада, баъзиларини эътиқоди учун ҳатто ўлдиришсада, шундан кейин ҳам гувоҳлик қилишда давом этарканлар, ҳаворийлар тирилган Масиҳга бўлган ишончга воз кечишдан бош тортганлар. Ҳаворийлар фаолияти китобининг дастлабки боблари яққол кўрсатишича, ҳаворийлар Масиҳнинг тирилганини қувғинлар ичра эълон қилдилар. Улар Исонинг ўликдан тирилганига ишонлари комил бўлиб, ўз ихтиёрлари билан ҳаётларини хавф остига қўйишган. Масалан, тирилиш ҳақида омма олдида ваъз қилганлик учун диний етакчилар ҳаворийларга тажовуз қилишди, кейин эса уларни қамоққа ташлашди. Шунга қарамай, Бутрус ва Юҳанно бундай жавоб беришди: “Ўзларингиз қарор қилинглар, Худодан кўра кўпроқ сизларга қулоқ солишимиз Худо олдида тўғри бўладими? Биз кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз” (Ҳав. 4:19–20). Ҳаворийлардан кимдир ўз имонидан кечгани ҳақида ҳеч қандай гувоҳликлар йўқ. Улардан баъзилари азобли ўлимни қабул қилгани бизга муқаррар маълум7. Гарчи бу тирилиш ҳақиқатан ҳам содир бўлганини тасдиқламасада, ҳаворийлар бунга ҳақиқатан ишонганини яққол кўрсатади. Улар эса ёлғончи эмасдилар8. Гувоҳликлардаги фарқланишлар уларнинг тарихий ишончлилигини шубҳа остига қўядими? Балки, биз Муқаддас Китобдан топадиган, Масиҳнинг тирилгани ҳақидаги баёнларнинг ишончлилигига қарши бўлган, энг кўп тарқалган эътирозлардан бири, бу – уларнинг бири бошқасига зид келиши ва шу боис ишонса бўладиган тарихий гувоҳликлар эмаслиги ҳақидаги таъкиддир. Мисол учун, тўртта Хушхабар бизга Марям тирилган Исони кўрган биринчи киши бўлганини айтади, айни пайтда Коринфликларга Биринчи мактубда (15:5) илк гувоҳ Бутрус бўлгани айтилган. Хушхабарчи Марк Исога атир суртиш учун қабрга борган аёллар “қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ кийимли бир йигитни” кўрганини айтади» (Марк. 16:5). Хушхабарчи Матто фариштанинг кийими “қор каби оппоқ” бўлганини ёзади (Мат. 28:3), ҳаворий Луқода эса: «…бирдан олдиларида ялтироқ кийим кийган икки зот” пайдо бўлганини ўқиймиз (Луқо. 24:4). Ахир, бу хабар беришлар бир-бирига зид бўлиб, шу билан ўзларининг ишончлилигини шубҳа остига қўймаяптими? Йўқ. Таъкидлар фарқ қилиши мумкин, лекин шунга қарамай, бир-бирига зид эмас. Балки бу фарқларнинг ҳар бири чин эканини тушунтирувчи изоҳлар бор бўлиши мумкин. Тегишлича, исбот қилиш юки таъкидлар ҳал қилиб бўлмайдиган даражада бир-бирига зид деб ўйлаётганларнинг зиммасидадир. Гарчи тўртта Хушхабарда ҳақиқатан ҳам қийин жойлар бор бўлсада, олимлар бу – асл қарама-қаршилик деган хулосага келишга шошилмасликлари зарур. Ҳозирги вақтда олимларнинг аксарияти Хушхабар жанри, бу – ҳаётни қадимги юнон-римча тасвирлаш деган фикрга қўшиладилар. Бу жанр муаллифларга одамлар одатда кундалик мулоқотда воқеаларни баён қилишда қўллайдиган шунга ўхшаш мослашувчанлигини намойиш қилишга имкон беради. Мисол учун, Луқо “телескоплаштириш” деб номланган усулни қўллайди, унда турли хил тарихларни оддийлаштириш учун вақт қисқартирилади. Хусусан, у тирилиш вақти, тирилган Масиҳнинг намоён бўлиш вақти ва Унинг арши аълога кўтарилишини шундай қисқартирадики, худди бу ҳодисалар Фисиҳ якшанбасида содир бўлгандек таассурот уйғотиши мумкин. Лекин Юҳанно баён этган Хушхабар бу воқеалар бир кунда бўлмаганини кўрсатади. Бу зиддиятми? Йўқ. Аксинча, Хушхабарчи Луқо фойдаланган бундай “қисқартириш” ҳаётни юнон-римча тасвирлашдаги оддий стилистик усул эди. Бундай фарқланишни зиддиятли деб аташ – жанр қонунларини билмаслик бўлиб, умуман Хушхабарларнинг ишончлилигини шубҳа остига қўймайди. Янги Аҳднинг марҳум тадқиқотчиси Жон Уэнем ўзининг “Фисиҳ жумбоқлари” китобида Масиҳнинг тирилиши билан боғлиқ бўлган воқеаларни уйғунлаштиришни талаб қилади. У Хушхабар матнларини синчиклаб тадқиқ этиш асосида шундай хулосага келган: Хушхабар муаллифлари ростгўй ва яхши одамлар бўлганига менда шубҳа йўқ эди… бироқ мен ҳамма баён қилишлар ҳар бир тафсилотигача аниқ деб ҳисоблаш тарафдори эмасдим. Ҳақиқатан ҳам ўзимнинг илк тадқиқотларимда гўёки бу зиддиятларни ҳал қилиб бўлмайди, деган таассуротда эдим… Ўқишим мумкин бўлган ҳамма нарсани ўқиб бўлгач ва юнонча матнни ўрганиб чиқарканман, жумбоқнинг кўп қисмлари биргаликда йиғилишини аниқладим. Энди тирилиш ҳақидаги бу қиссалар ҳодисаларни аниқ ва қарам бўлмаган ҳолда анча таъсирчан намойиш қиладигандек туюлмоқда, чунки юзаки ўрганганда, улар бир-бирига жуда зид бўлиб туюлади, лекин чуқурроқ қараб чиқилганда, барча тафсилотлар аста-секин ўз ўрнига тушади9. Мавжуд бўлган фарқларга қарамай, тирилиш ҳақидаги ҳикояларни янада синчиклаб таҳлил қилиш уларнинг яширин умумийлигини кўрсатади. Файласуф Стивен Дэвис таъкидлайди: Тафсилотлардаги фарқларга қарамай, тўртала хушхабарчи биз асос бўлувчи далиллар деб айтишимиз мумкин бўлган далиллар тарафдоридир. Уларнинг ҳаммаси ҳафтанинг биринчи куни тонг чоғи орасида магдалалик Марям ҳам бўлган қандайдир аёллар қабрга боргани; уни бўш кўргани; фаришта ёки фаришталарни кўргани; уларга Исо тириклиги айтилгани ёки бошқача бир тарзда маълум бўлгани ҳақидаги таъкидда якдилдирлар. Хушхабарчи Юҳанно ва бу “синоптиклар”нинг* камида биттаси орасида қуйидаги бандларнинг ҳар бири бўйича ҳайратомуз якдиллик бор: аёллар ўзлари топган хабар ҳақида Бутрус ва/ёки бошқа шогирдларни хабардор қилишди, Бутрус қабрга борди ва унинг бўш эканини кўрди, тирилган Исо аёллар олдида намоён бўлди ва У уларга шогирдлари учун насиҳат берди10. * Яъни Матто, Марк ва Луқо, дастлабки уч Хушхабар муаллифларини ҳам синоптик (юнонча синоптикос, айнан “бирга кузатувчи” сўзидан) деб аташади, чунки улар кўп жиҳатдан бир-бирини такрорлайдилар, мазмунан ва стилистик жиҳатдан бошқалардан фарқ қилувчи Юҳанно баён этган Хушхабар ҳақида бундай деб бўлмайди. – Тарж. изоҳи. Гувоҳликлардаги яққол фарқланишлар уларнинг ишончлилигига далил бўла оладими? Ҳуқуқшунослар, файласуфлар, тарихчилар, журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар бу аниқ фарқлар Хушхабарлар ишончлилигининг аҳамиятини камайтириш ўрнига, аслида уни тасдиқлашини аниқлашган. Н.Т.Райт Хушхабарлар матнларидаги мос тушмаслик ва ҳодисаларни тасвирлашдаги қандайдир “шошилишлар” фақат уларнинг қимматини оширишини таъкидлайди. «Шоҳиднинг гувоҳлиги, – дейди у, – айнан шундай кўринишда бўлиши ва жаранглаши зарур»11. Доктор Пол Майер “тирилиш ҳақидаги ҳикоялардаги турлича кўринишлар, уларнинг бир хиллигини бузиш ўрнига, аслида, тасдиқлайди” деган хулосага келади. Бу фарқлар ўз ибтидосини бу фарқларни туғдириш учун шубҳасиз содир бўлиши зарур бўлган ҳодисалардан олган бир нечта ўзаро боғлиқ бўлмаган анъаналар мавжуд бўлганини тасдиқлайди»12. Энди эса, келинг, ўша биринчи Фисиҳда нималар бўлганини тушунмоқчи бўлсак, изоҳ беришимиз зарур бўлган гувоҳликлардан баъзиларига назар ташлайлик. 3-БОБ ТИРИЛИШНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ҲАҚИҚАТАН ҲАМ ИСО ЎЛГАН, ДАФН ЭТИЛГАН ВА ТИРИЛГАНМИДИ? Масиҳнинг хочга тортилиши ва ўлими Яҳудийлар Исо Ўзининг тирилишини башорат қилганини яхши билишарди. Унинг издошлари Исо ўлиб, кейин қайта тирилгандек кўрсатиш учун ақл бовар қилмайдиган даражада куч сарфлашларидан қўрқиб, Унинг ўлгани ва ўлик бўлиб қолганига ишонч ҳосил қилиш учун худди шундай ақл бовар қилмайдиган даражадаги эҳтиёт чораларини кўрдилар. Ушбу фавқулодда чораларнинг биринчиси хочга михлаш орқали ўлим эди. Исони жазолаш шафқатсиз, шубҳа туғдирмайдиган ва оммавий бўлиши керак эди. Хочга тортишнинг шафқатсизлиги. Хочга тортиб михлаш Масиҳ даврида қатл қилишнинг кенг тарқалган тури эди. Цицерон уни «қийноқларнинг энг шафқатсиз ва жирканчлиси» ҳамда «қул учун охирги ва энг олий жазо»1, деб атаган. Бу қатл шу қадар қўрқинчли ва ҳақоратли эдики, римликлар улардан, одатда қўзғолонларнинг олдини олиш ва бостириш учун, Рим фуқароларидан ташқари, фақат қуллар ёки исёнчиларга даҳшат солиш учун учун фойдаланишган. У асосан сиёсий тусга эга ҳолатларда қўлланилган. «Оғриққа бутунлай чидаб бўлмас эди, – дейди тиббиёт фанлари доктори Александр Метерелл. – Аслида, уни ҳеч қандай сўз билан таърифлаб бўлмасди; айнан шу ердан янги сўз пайдо бўлган: excruciating*. Сўзма-сўз таржима қилганда, хочдан [ечиб олинган] деган маънони англатади. Ўйлаб кўринг-а: янги сўз ўйлаб топишга тўғри келди, чунки луғатда хочга михланиш натижасида келиб чиқадиган азоб-уқубатларнинг кучини етказиб берадиган сўзнинг ўзи йўқ эди»2. * Excruciating (ингл.) - азобли, чидаб бўлмас; лот. excruciare < cruciare (қўл-оёқларини хочга тортиб михлаш) < crux (хоч). - Тарж. изоҳи. Қамчилаш одати. Суд томонидан хочга михлаш орқали ўлим жазоси эълон қилингандан сўнг, айбланувчини устунга боғлаб қўйишарди. Жиноятчининг кийимлари ечиб олиниб, сўнгра аёвсиз қамчиланган. Муқаддас Китобда Исонинг хочга михланишидан олдин аёвсиз қамчилангани ҳақида хабар берилган (қаранг: Юҳ. 19:1; Мат. 27:26; Марк 15:15). Одатда бундай ҳолларда фойдаланиладиган қамчи турли узунликдаги чарм камарлар боғланган йирик тутқичга эга эди. Бу камарларнинг ичига ўткир, қиррали суяк ва қўрғошин бўлаклари тўқилган. «Америка тиббиёт уюшмаси журнали»даги мақолада шундай дейилган: Рим аскарлари жабрланувчининг елкасига бор кучлари билан зарба беришда давом этар экан, темир шарчалар чуқур ёпиқ жароҳатларни келтириб чиқарган, чарм камарлар ва қўй суякларининг бўлаклари тери ва тери ости тўқималарига чуқур кириб кетган. Бундан ташқари, қамчилаш давом этар экан, тери остидаги скелет мушаклари йиртилиб, қалтираб қонаётган гўшт парчаларига айланган3. Тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаса, тери ва мушаклардаги бундай йиртиқ яралар инсонни бир неча соат ичида, кўпи билан – бир неча кун ичида ҳаётдан маҳрум қилган. Хочга михлаш қандай қилиб ўлимга олиб келган. Хочга осилган ҳолда, михланган одамнинг нафас олиши жуда қийин бўлган. Тўғри нафас олиш ва нафас чиқариш учун у қўллари ва оёқлари учида бир оз кўтарилиши керак бўлган, бу эса жизиллатадиган оғриққа сабаб бўлган. Вақт ўтиши билан бу ҳаракатлар, шунингдек, қон йўқотиш қурбонни шунчалик ҳолдан тойдирган эдики, одам энди нафас олиш ҳаракатларини бажара олмасди ва бўғилиб қоларди. Агар римликлар қурбоннинг ўлимини тезлаштиришни хоҳлашса, хочга михлашни якунлашнинг одатий усули қуйидагича эди: қурбоннинг болдирларини тўқмоқ билан синдиришар, шундан сўнг одам нафас олиш учун қайта кўтарила олмас эди. Болдирлари сингандан сўнг, ўлим муқаррар эди. Масиҳнинг ёнида хочга михланган икки қароқчининг болдирлари синдирилганди, лекин Масиҳнинг болдирлари синдирилмаганди, чунки жаллодлар Унинг аллақачон ўлганини пайқашганди. Қон билан сув оқиб чиқиши. Рим аскарлари Исонинг ўлганини пайқашгач, улардан бири Унинг биқинини найза билан тешди ва «шу заҳоти қон билан сув оқиб чиқди» (Юҳ. 19:34). Инглиз муаллифи Майкл Грин содир бўлган воқеанинг маъносини қуйидагича тушунтириб беради: Шоҳиднинг гувоҳлик беришидан Исонинг тешилган биқинидан «қон билан сув» оқиб чиққанини билиб оламиз (қаранг: Юҳ. 19:34–35). Шоҳид бу далилга алоҳида урғу бергани аниқ. Агар Исо унинг танасига найза тешилганида тирик бўлганида, юракнинг ҳар бир қисқариши билан кучли қон оқимлари пайдо бўларди. Аксинча, кузатувчи ташқарига чиқиб турган ярим суюқ қорамтир қон қуйқаси пайдо бўлганини, у ҳамроҳ бўлган сувли зардобдан алоҳида ва ажралиб турганини пайқади. Асосий артерияларда катта қон ивишининг бундай аниқ белгиси ўлимнинг жуда кучли тиббий исботидир. Бу яна шуниси билан таъсирли эдики, Хушхабарчи бу далилнинг патологоанатом учун қанчалик аҳамиятли эканлигини тасаввур қила олмасди. Найзанинг зарбидан «қон билан сув» оқиши – Исонинг аллақачон ўлганлигини инкор этиб бўлмайдиган далил4 эди. Исонинг жасади ариматеялик Юсуфга топширилишидан олдин Понтий Пилат Масиҳнинг ўлимига ишонч ҳосил қилишни талаб қилди. Қатл учун масъул бўлган юзбоши Исонинг ҳақиқатан ҳам ўлганлигига ишонтиргандан кейингина Пилат жасадни хочдан тушириб олишга рози бўлди. Исо аниқ ўлган эди. Тарихчиларнинг аксарияти бу ҳақиқатга шубҳа қилишмайди. Доктор Гэри Хабермаснинг таъкидлашича, масиҳий бўлмаган манбаларда Исонинг ўлими ҳақида жуда кўп ишончли маълумотлар мавжуд. Буларга кўпчилик қадимги Рим тарихчиларининг энг улуғи деб ҳисобланадиган Корнелий Тацитнинг (Масиҳнинг туғилишидан кейинги 55–120 й.й.) асарлари; яҳудий ёзувчиси ва тарихчиси Иосиф Флавийнинг асарлари (Масиҳнин туғилишидан кейинги 37-97 й.й.); шунингдек, яҳудийларнинг Талмуди (Масиҳнинг туғилишидан кейинги 70-200-йиллар) киради. Гэри Хабермас бу масиҳий бўлмаган асарлар ҳақида шундай дейди: «Исонинг ўлими қайд этилган ўн иккита манба кўпинча тилга олинади. Исонинг вафотидан тахминан 20-150 йил кейинги давр санаси билан кўрсатилган бу дунёвий манбалар қадимги тарихшунослик меъёрларига кўра анча олдин пайдо бўлган». Ҳақиқатан ҳам Исонинг ўлдирилганлиги ҳақидаги далил қадимги тарихда қайд этилган бошқа далиллар каби аниқдир. Тирилишни, Исонинг шафқатсиз синовдан ўтиб омон қолгани, шогирдлари олдида қон оқаётган ярим мурда сифатида намоён бўлиши ва шогирдларини одамларга Ўзининг қайта тирилганини айтишга кўндиргани каби ҳар қандай назарияни рад этишимиз керак. Масиҳни дафн этиш Кўпгина ишонмовчилар Масиҳни кафанлаш билан боғлиқ воқеалар ва муҳитни синчковлик билан ўрганиб чиқишиб, Унинг тирилгани ҳақидаги даъвонинг «заиф томонлари»ни топишга ҳаракат қилдилар. Демак, тарихий далилларга назар ташлаш ва уларнинг қанчалик тўғри ва ишончли эканлигини текшириш биз учун жуда муҳим. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Исонинг Ўз ўлимидан кейин қайта тирилгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик учун ҳукумат алоҳида эҳтиёт чораларини кўрди. Аввало, қабрнинг ўзи ҳақидаги далилларни кўриб чиқайлик. Қоялар оралиғидаги қабр. Тўртта Хушхабарда ҳам Исонинг жасади қояга ўйилган қабрга қўйилгани, унга киравериш катта тош билан тўсиб қўйилгани ёзилган. Хушхабарчилар Матто, Луқо ва Юҳаннонинг хабар беришича, бу янги қабр бўлиб, унга ҳали ҳеч ким қўйилмаган эди (қаранг: Мат. 27:60; Луқо 23:53; Юҳн. 19:41). Матто ҳам бу қабр ариматеялик Юсуфга тегишли эканлигини таъкидлайди. Археологлар Исо даврида қўлланилган уч турдаги тош қабрларни топдилар. Уларнинг барчаси қуйидагича ёпилган: киравериш тарафдан ўртача оғирлиги икки тонна бўлган диск шаклидаги катта тош думалатиб келинган. Ҳар бир қабрнинг ташқарисида қояга ўйилган тарнови бор эди, тошни думалатиш керак бўлганда у йўл бўлиб хизмат қилиши керак эди. Бу йўл кириш аввалида чуқурроқ ва юқорига қараб бурчак остида кетган эди. Тарновнинг энг юқори қисмига диск шаклидаги тош ўрнатилган бўлиб, тош думалаб кетмаслиги учун эса унинг остига блок қўйилган. Блок олиб ташланганида, тош осонгина пастга силжиши ва қабрга кириш йўлини тўсиб қўйиши мумкин эди. Шубҳасиз, агар Исонинг жасади бундай қабрда яширинган бўлса, уни бу ердан олиб чиқиш учун фавқулодда куч талаб этилган бўлар эди. Исонинг Муқаддас Китобда келтирилган дафн этилиши ҳолатларига шубҳа қилмаслик учун бир нечта жиддий сабаблар бор. Биринчидан, ҳаворий Павлус Коринфликларга Биринчи мактубда (15:3–5) дафн этиш ҳақидаги ҳикояни тасдиқлайди. Ҳаворий Павлус ўзининг мактубидан олдинги, Масиҳнинг ўлимидан кейин уч-саккиз йилгача бўлган вақтга тўғри келиши мумкин бўлган материаллардан фойдаланганлиги ҳақида рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд. Шундай қилиб, дафн этиш воқеасини Масиҳнинг ўлими вақтига шунчалик яқин текшириб бориш мумкинки, бу вақт оралиғида афсонанинг шаклланиши деярли имконсиз бўлиб қолади. Иккинчидан, дафн воқеаси қандайдир бўрттириб ёки услубий баландпарвоз тарзда баён қилинмаган. У содда ва тушунарли тилда баён қилинган. Учинчидан, бу баёнга зид келадиган дафн қилиш воқеасидан бошқа воқеа йўқ. Муқаддас Китобда келтирилгандек дафн этиш воқеасига зид бўлган илк даврга мансуб ҳужжатлар йўқ. Тўртинчидан, Исони ўлимга ҳукм қилган суд аъзоси бўлган ариматеялик Юсуф каби тарихий шахсни масиҳийларнинг ўзлари ўйлаб топишлари даргумон. Нима сабабдан илк масиҳийлар Исонинг ўлимига жавобгар бўлган суднинг аъзоси бўлмиш одамни қаҳрамон қилиб кўрсатишлиги керак эди? Агар ҳаворийлар дафн этиш маросимини ўйлаб топишган бўлса, эҳтимол, улар Юсуфга ўхшаган шахсни унга киритмаган бўлишарди. Исони дафн этганлар орасида ариматеялик Юсуфнинг барча тўртта Хушхабарда эслатиб ўтилгани бу воқеани ҳақиқатга яқинлаштиради. Янги Аҳд устида тадқиқот ишларини олиб борган олим Раймонд Браун бундан қуйидагича хулоса қилади: «Исонинг дафн этилиши – тарихий жиҳатдан шубҳасиз. Дафн маросими ариматеялик Юсуф томонидан амалга оширилгани – эҳтимолдан холи эмас»6. Яҳудийларнинг дафн таомиллари. Янги Аҳдда Масиҳнинг дафн этилиши яҳудийлар томонидан қабул қилинган анъаналарга кўра амалга оширилганлиги айтилади. Исо хочдан туширилади ва уни мато билан ўраб олишади. Яҳудийлар жасадни тун бўйи хочда қолдирмаслик учун қаттиқ эътибор берганлар. Янги Аҳдда айтилишича, икки киши – Никодим ва ариматеялик Юсуф – Масиҳнинг жасадини дафн учун тайёрлаганлар (қаранг: Юҳн 19:38–42). Яҳудийларнинг урф-одатларига кўра, марҳумнинг жасади мақбарадаги тошдан ясалган стол устига қўйилиши керак эди. Авваламбор жасадни илиқ сув билан ювиш керак бўлган. Бундан ташқари, Янги Аҳд нақллари билан тасдиқланган одатларга кўра ҳам, марҳумнинг жасадини турли хил муаттар мойлар билан дафн учун тайёрлаш керак эди. Бизнингча, Масиҳни дафн этганда тахминан ўттиз-қирқ беш килограмм шундай муаттар мой ишлатилган. Бундай таниқли шахс учун бу жуда мақбул миқдор эди. Мисол учун, таниқли яҳудий олими Гиллелнинг набираси ва Исонинг замондоши Гамалиэлнинг жасадини дафн этишга тайёргарлик кўришда қирқ килограммга яқин муаттар мой ишлатилган. Иосиф Флавийнинг маълумотларига кўра, шоҳ Ҳирод вафот этганида, барча муаттар мойларни олиб келиш учун беш юзта хизматкор керак бўлган7. Зиғир матосидан фойдаланиш. Тананинг барча қисмларини тартибга келтиргандан кейин, марҳум оқ зиғирдан тикилган кафанга ўралган. Бу кафанлар аёллар томонидан тикилган. Тикиш пайтида ҳеч қандай тугун тугиш мумкин эмасди. Марҳумни алоҳида ҳолатда учтадан кам бўлмаган кафанда дафн этиш ман этилган. Бу вақтда сабур деб номланган хушбўй дарахт кукунидан тайёрланган муаттар моддалар мирра деб номланган қатронли модда билан аралаштириб тайёрланган. Товонлардан бошлаб жасад зиғир мато билан ўралган, бунда букиладиган жойлар орасига ёпишқоқ мирра билан аралаштирилган муаттар моддалар қўйилган. Марҳумни дафн этишга тайёрлаганлар жасаднинг қўлларини чойшабнинг устига қўйиб қўлтиқларигача ўраганлар, сўнгра – бўйнигача ўрашган. Алоҳида мато парчаси бош атрофига ўралган. Якуний кўринишда бундай кафанларнинг оғирлиги эллик килограммгача ёки ундан кўп бўлиши мумкин эди. Масиҳнинг туғилишидан кейинги 4-асрдаёқ Юҳанно Сўзамол (Иоанн Златоуст) шу муносабат билан таъкидлаб ўтган: «бунда қўлланиладиган мирра танага шундай қаттиқ ёпишиб қоладиган модда эдики, бу кафанларни ечиб ташлаш учун жуда катта куч сарфланган бўларди»8. Эҳтиёт чоралари Рим соқчилари. Яҳудий оқсоқоллари ваҳимага тушиб қолдилар, чунки минглаб одамлар Масиҳга топинаётган эди. Сиёсий муаммолардан қочиш учун яҳудийлар ҳам, римликлар ҳам Исонинг жасадини тезда олиб ташлашдан манфаатдор эди. Шунинг учун, хочга михлангандан кейин, олий руҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига тўпланиб айтишди: Тақсир! Ўша алдамчи ҳали тириклигида: «уч кундан кейин қайта тириламан» дегани эсимизга тушди; шунинг учун уч кунгача қабрни қоровуллашни буюрсангиз, токи Унинг шогирдлари кечаси келиб Уни ўғирлаб кетишмасин ва халққа: «У қайта тирилди», деб айтишмасин; йўқса, охирги алдов биринчисидан баттар бўлади. Пилат уларга: мана, соқчилар бўлинмаси ўзларингизнинг ихтиёрингизда. Бориб, билганингиздек қабрни қоровулланглар, деди. Улар эса соқчилар билан бориб, қабр тошига муҳр босиб, қабрни қоровуллай бошладилар (Мат. 27:63-66). Цезар машҳур Рим легионларидан ўзининг улкан империясида тартибни таъминлаш учун фойдаланган. Рим империяси тарихдаги энг забардаст ва моҳир жангчилардан иборат бўлган ана шу “ҳарбий машина”си туфайли ҳам узлуксиз ва узоқ вақт мавжуд бўлган9. Рим армиясининг тартиб-интизомини белгиловчи кўплаб ишончли манбалардан маълумки, Рим соқчилари – тўрттадан ўн олтигача аскарни ўз ичига олган бўлинма эди. Ҳар бир одам ўзи атрофидаги бир ярим метр жойни ҳимоя қилишга ўргатилган эди. Ҳар томондан тўрттадан квадрат бўлиб сафланган ўн олти киши ўттиз метрлик ерни ушлаб туришга ва бу ҳудудни бутун бир батальондан ҳимоя қилишга қодир эди. Одатда бирон бир ҳудудни қўриқлаш учун тайинланган Рим соқчилари қуйидагича ҳаракат қилишарди: тўрттаси тўғридан-тўғри қўриқлашлари керак бўлган нарсанинг олдида туришарди. Қолган ўн икки нафари эса уларнинг қаршисида ярим доира бўлиб, бошларини ичкарига қаратиб ётиб ухлардилар. Бу соқчилар қўриқлаётган нарсаларни ўғирлаш учун ўғрилар биринчи навбатда ухлаб ётган аскарларнинг устидан ўтишлари керак эди. Ҳар тўрт соатда навбатдаги тўртта навбатчи аскарни уйғотишар ва навбатчилик қилиб бўлганлари уйқуга кетарди. Шундай қилиб, аскарлар бир-бирини алмаштириб, кечаю кундуз қўриқлашарди. Рим муҳри. Хушхабарчи Матто, олий руҳонийлар «соқчилар билан бориб, қабр тошига муҳр босиб, қабрни қоровуллай бошладилар» деб ёзади (Мат. 27:66). Муқаддас Китоб бўйича мутахассис олим А.Т.Робертсоннинг сўзларига кўра, бу тошни фақат қабрни қўриқлаш учун тайинланган Рим соқчилари иштирокида муҳрлаш мумкин эди10. Мазкур ишдан мақсад ҳеч кимга қабр ичидагисини яширинча ўзгартиришига йўл қўймаслик эди. Соқчилар қабрни кўздан кечириб, тошни жойига суриб қўйгандан сўнг, қоя арқон билан ўраб олинган, ҳар икки учида лой қумоғи билан маҳкамланган. Ниҳоят, ҳар бир лой қумоғига Рим ҳукмдорининг расмий муҳри изи босилган. Муҳр Римники бўлганлиги сабабли, Масиҳнинг жасади Рим империясининг кучи ва ҳукумати томонидан қўриқланаётганлиги тасдиқланган. Тошни силжитмоқчи бўлган ҳар бир одам, албатта, муҳрни бузар ва шу билан Рим қонунининг ғазабига дучор бўлар эди. Тирилишга доир эътиборга олиниши зарур бўлган далиллар Масиҳ ва Унинг қайта тирилиши ҳақида ким ва қандай фикрда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам ўша куни эрталаб жуда муҳим – жуда ҳайратланарли бир нарса содир бўлганини – бу ўн бир кишининг ҳаётини бутунлай ўзгартириб, ҳақорат ва қувғинларга ҳамда азоб-уқубатларга, кўпинча эса ҳатто ўлимга ҳам рози бўлишларига куч берганини тан олиши керак. Бу «нимадир» бўм-бўш қабр эди – унинг бўшлигини аниқлаш ёки уни рад этиш учун Қуддус марказидан бор-йўғи ўн беш дақиқалик масофа юришнинг ўзи кифоя эди! Бўш қабр ҳақидаги хабар ва қайта тирилган Исо Масиҳнинг пайдо бўлиши одамларни ақлдан оздирди ва ўша пайтдан бошлаб тарихнинг ривожини аниқлаб берди. Шубҳасиз, у ерда нимадир содир бўлганди. Ҳақиқатан ҳам буюк нимадир юз берган! Агар сиз Масиҳнинг ўлими ва қайта тирилиши билан боғлиқ воқеаларни оқилона талқин қилмоқчи бўлсангиз, мантиқий тушунтириб бўлмайдиган баъзи бир фикрларга дуч келасиз. Яҳудийлар ва римликлар Исонинг ўлимига ва унинг қабрда эканлигига ҳеч қандай шубҳа туғилмаслиги учун ҳаммасига пухта тайёргарлик кўришганди. Шундан сўнг, улар кўрган эҳтиёт чоралари – хочга михлаш, дафн этиш, муҳрлаш ва қабр қўриқланган бўлишига қарамай – тирилиш – у ерда ҳақиқатдан ҳам нимадир содир бўлганлигини – Масиҳ ўлгандан кейин қайта тирилмаган, деган фикрни илгари сурган танқид қилувчиларни жуда қийин аҳволга солиб қўяди. Келинг, ушбу воқеаларни яна бир бора кўриб чиқамиз ва айрим хулосаларни чиқарамиз. 1-далил: Рим муҳри бузилган Ўша Фисиҳ куни эрталаб Рим империясининг куч ва қудратини англатувчи муҳр бузилганди. Бу далилни ҳеч ким инкор этмайди. Бу воқеанинг оқибатлари ачинарли бўлиши мумкин эди. Агар бунга жавобгар одам ёки одамлар қўлга олинса, улар омон қолиши даргумон эди. Масиҳнинг шогирдлари бу муҳрни бузишга журъат этган бўлармиди? Эҳтимолдан йироқ. У ҳибсга олинганидан кейин улар ҳар қанақасига саросимага тушиб, қўрқувларини намойиш қилдилар. Бутрус ҳаттоки Масиҳни танишини рад этди. 2-далил: Қабр бўш Ўша якшанба тонгининг яна бир аниқ далили - бўш қабрдир. Ҳеч ким ва ҳеч қачон қабрнинг бўш эканлигини инкор этмаган. Шуни таъкидлаш керакки, тирилишдан кейин тўсатдан қатъиятли ва жасур бўлиб қолган Масиҳнинг шогирдлари, Унинг қайта тирилганини тарқатиш учун Афина ёки Римга эмас; тўғридан-тўғри Қуддусга боришди. Агар улар айтганларининг ҳаммаси ёлғон бўлганида эди, уларнинг сўзларини осонгина рад этиш мумкин эди. Агар қабр бўшаб қолмаганида эди, тирилиш ҳақида Қуддусда тарғиб қилишнинг шунчаки имкони бўлмас эди. Пол Майер буни қуйидагича тушунтириб беради: Биринчи Фисиҳ байрамидан кейин етти ҳафта ўтгач, Исонинг жасади ҳақиқатдан ҳам Юсуфнинг қабридан қандайдир тарзда ғойиб бўлгандагина, Қуддусдаги воқеанинг имкони бўлар эди. Акс ҳолда, маъбаднинг олий табақаси билан ҳаворийлар ихтилоф қилган, ариматеялик Юсуф дахмасига тезкор ҳужумни ташкил қилиш ва №1 ашёвий далилларни оммага ошкор қилиш орқали, воқеалар ривожланиб кетмасидан олдин пайдо бўлган ҳаракатни тўхтатиб қўйган бўларди. Аммо олий руҳонийлар бундай қилмадилар, чунки улар қабрнинг бўш эканлигини билишарди. Уларнинг бу воқеага расмий тушунтириш беришлари, яъни шогирдлар жасадни ўғирлаб кетганлиги – қабр ҳақиқатан ҳам бўш эканлигини тан олиш эди11. Баъзилар бўш қабр ҳақидаги ҳикояга эътироз билдириб, бу тарихий ҳақиқатдан кўра кўпроқ афсонанинг ривожланиши ёки мадҳ этувчи ҳийла-найранг эканлигини таъкидлайдилар. Аммо бўш қабр на мадҳ этувчи ҳийла-найранг, на афсона эмаслигининг энг ишончли далилларидан бири – бўш қабрни биринчи бўлиб аёллар кўриб қолганлигидир. Биринчи асрда Фаластинда аёллар паст ижтимоий мавқега эга бўлганлари боис фуқаро ёки гувоҳ сифатида судда гувоҳлик бера олишмасди. Яҳудий қонунлари аёлларга буни амалга оширишга камдан-кам ҳоллардагина рухсат берган. Хўш, нега масиҳийликни тарғиб қилмоқчи бўлганлар – шогирдларни, яъни янги эътиқоднинг асосий ҳимоя қилувчиларини – хочга михлаш пайтида тарқалиб кетишларига, аёлларни эса жасорат билан қабрга боришларига ва унинг бўш эканлигининг биринчи гувоҳлари бўлишларига сабаб бўлган афсонани тўқидилар? Бундай афсона янги эътиқодни тарғиб қилиш мақсадига хизмат қила олмасди. Нима учун айнан аёллар биринчи гувоҳ сифатида кўрсатилаётганлигига энг яхши далил – бу унинг ҳақиқат эканлигидан далолат беради, деган соғлом фикр келиб чиқади. 3-далил: Рим соқчиларининг ўз жойини рухсатсиз тарк этиши Рим аскарлари қўриқлашлари керак бўлган жойни тарк этишди. Бу тушунтиришни талаб этадиган жуда ғалати далил. Римликларнинг ҳарбий тузилишини пухта ўрганиб чиққан доктор Жорж Кэррининг маълум қилишича, ҳарбий интизомни бузганлик учун, масалан, қочоқлик, қуролни йўқотиш ёки шикастлаш, душманга режаларни топшириш, қўмондонни ҳимоя қилишдан бош тортиш ва тунги қўриқлаш жойини тарк этганлик учун ўлим жазоси берилар эди12. Шунингдек, қўриқчиликда ухлаб қолганлик учун ҳам (қаранг: Мат. 28:13). Агар аскарларнинг қайси бири жиноят содир этганлигини аниқлашнинг иложи бўлмаса, соқчининг айби учун ким ўлимга ҳукм қилинишини аниқлаш мақсадида қуръа ташланарди. Маҳкумни қатл қилиш усулларидан бири қуйидагича бўлган: унинг кийимлари йиртиб ташланар ва ўз кийимларидан чиққан оловли гулханда тириклайин ёқиб юборилар эди. Рим ҳарбий интизоми ва хавфсизлиги тарихи шуни кўрсатадики, агар соқчилар қабр бўш эканлигига ишонч ҳосил қилмаганларида, улар ҳеч қачон ўз жойларини тарк этмаган бўлар эдилар. Қўмондонлардан қўрқиш ва олинадиган жазо жангчиларга берилган буйруқнинг майда тафсилотларигача диққат билан қарашларини кафолатлаган. Бир вақтлар Қуддусдаги «Боғдаги қабр»* археологик мажмуасини бошқарган Доктор Билл Уайт тирилиш ва биринчи Фисиҳдан кейинги воқеаларни батафсил ўрганиб чиқди. Уайт Рим соқчиларига пора берган яҳудий оқсоқолларни танқид остига олади (қаранг: Мат. 28:11-14): Агар зарурият боис қабрга кириш учун тошни қабр четига шунчаки думалатиб суриб қўйиш мумкин бўлганда эди, соқчиларни навбатчилик жойида ухлаб қолганликда айблаб, шафқатсиз жазони талаб қилишлари мумкин эди. Ҳаттоки улар зилзила натижасида муҳр синганлигини ва тош ер силкинганидан думалаб кетди деган баҳона билан эътироз билдирганларида ҳам, барибир уларнинг хатти-ҳаракатлари қўрқоқлик деб баҳоланиб, жазога тортилишарди. Аммо ишнинг баъзи бир жиҳатлари бундай бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатади. Олий руҳонийларнинг соқчиларга қарши ҳар қандай айблов қўйишига тўсқинлик қиладиган қатъий далиллар бор эди. Яҳудий оқсоқоллари бу ерга ташриф буюрганлари кундек равшан бўлиб, тошни синчковлик билан кўздан кечиришган ва унинг ҳолатига, шунингдек, соқчилар уни кўчиришга йўл қўймаганликларига ишонч ҳосил қилишган. Ҳеч бир топқир ақл-идрок эгаси мувофиқ жавобни бера олмади ёки айбдорни топа олмади, шунинг учун улар соқчиларга пора беришга ва содир бўлган воқеа ҳақида сукут сақлашга мажбур бўлишди13. * Қуддусдаги қадимий дафн қилинадиган ғор; Исо Масиҳ дафн этилиши мумкин бўлган жой деб ҳисобланган. – Тарж. изоҳи. 4-далил: кафанлар ўзининг тарихини ҳикоя қилади Ўша якшанба тонгида Масиҳнинг танаси қабрда бўлмагани ҳолда, қабрнинг ўзи мутлақо бўш эмасди. Унинг ичидаги нарсалар ҳайратга соларди. Қабрга келган ва сурилган тошни кўрган аёллар шогирдларнинг ёнига қайтишди ҳамда буни уларга хабар қилишди. Бутрус ва Юҳанно дарҳол ўша ёққа жўнади. Юҳанно Бутрусдан ўзиб кетди ва дахманинг бошига келганда, ичкарига кирмади. Бунинг ўрнига энгашиб, жуда ғаройиб ҳолатни кўрдики, Масиҳ ҳақиқатан ҳам ўликдан тирилганига дарҳол ишонди. У Масиҳнинг жасади қўйилган жойга қаради. Лекин у фақат жасад ўраладиган матоларни кўрди. Бошқа ҳеч нарса! Кўрганлари бир умр хотирасига жойланиб қолди. Бутрус ва Юҳаннонинг дастлаб кўзи тушган ва шогирдларни қаттиқ ларзага солган нарса бўш дахма эмас, балки бўш кафан эди. Майкл Грин шу муносабат билан яққол таъкидлайди: «Уларни эҳтиромли титроқ босгани ва улар Унинг сўзи чин эканига имон келтиргани бежиз эмас. Бундай ишни қилиш ҳеч бир дахма ўғрисининг қўлидан келмасди. Бундай қилиш унинг хаёлига ҳам келмаган бўларди. У шунчаки танани жасад ўраладиган матолар билан бирга олиб кетган бўларди»14. 5-далил: Масиҳнинг намоён бўлиши тасдиқланган Бизнинг давримизда ўшанда шогирдлар тирилган Масиҳни кўрганига аниқ ишонганига кўпчилик олимлар шубҳа билдиришмайди. Муқаддас Китоб тадқиқотчиси Режинальд Фуллер таъкидлашича, “Хочга тортишдан кейинги бир неча ҳафта давомида Исонинг шогирдлари бу тарихнинг рад этиб бўлмас далилларидан бири эканига бошқаларни ишонтиришган”15. Шогирдлар бу ишончда собит бўлишига нима сабаб? Жамоат пайдо бўлган пайтдан бошлаб Исо ўз издошларига шахсан кўрингани таъкидлаб келинган. Бирор тарихий ҳодисани ўрганаётганингда, у ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ва ошкор қилинганида, ушбу ҳодисада иштирок этган ёки бунга шоҳид бўлган, ўша пайтда тирик бўлган одамлар сони етарлича бўлган-бўлмаганини аниқлаш жуда муҳим. Гувоҳларнинг сони кўп бўлса, бу ёзиб олинган маълумотларнинг аниқлигини тасдиқлашга кўмаклашади. Тирилишдан сўнг Масиҳнинг намоён бўлгани ҳақидаги энг қадимги гувоҳликлардан бири, бу – ҳаворий Павлуснинг Коринфликларга биринчи мактубидаги сўзларидир (15:3–8): “Мен Худодан қабул қилганимни дастлаб сизларга топширган эдим, яъни Муқаддас Битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлди, яна Муқаддас Битикларга мувофиқ, У кўмилди ва учинчи куни тирилди. Аввал У Кифага, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарга кўринди. Улардан аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар. Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган бутун ҳаворийларга кўринди. Ҳаммадан кейин эса чала туғилган болага ўхшайдиган менга ҳам кўринди”. Амалда ҳамма олимлар бу оятларда ҳаворий Павлус Коринфликларга Биринчи мактуб ёзилишидан олдин пайдо бўлган имоннинг (ёки нақлнинг) қадимги рамзини ёзган деган фикрга қўшилади (Масиҳнинг туғилишидан кейинги 50 йиллар). Аслида имоннинг бу рамзини ўрганган кўплаб олимлар унга Масиҳ хочга тортилганидан кейинги 3 йилдан 8 йилгача бўлган санани қўйишади. Ҳаворий Павлус имоннинг бу рамзини ўзи Масиҳга юзланганидан кейин Бутрус ва Ёқубни кўришга борганида олган, деб ҳисоблаш қабул қилинган (қаранг: Гал. 1:18–19). Мана шунинг учун ҳам тарихчи Ханс фон Кампенгаузен ушбу матн “шундай матнга қўйилиши мумкин бўлган тарихий ишончлиликнинг барча талабларига жавоб” беришини таъкидлаган16. Бу оятларда ҳаворий Павлус ўз ўқувчиларига Масиҳни бир вақтнинг ўзида беш юздан ортиқ одам кўргани далили маълум эканлигига умид қилади. Ҳаворий уларга бу одамларнинг аксарияти ҳали ҳам тириклигини ва улардан сўраш мумкинлигини эслатади. Бу таъкид – икки минг йил олдин бўлиб ўтган ҳодисани тасдиқлаш учун топиш мумкин бўлган яққол далилдир. Янги Аҳд тадқиқотчиси Ч.Х.Додднинг шунга ўхшаш кузатишига қараганда, агар Павлус ҳақиқатан ҳам “шоҳидлар буни шахсан тасдиқлаши мумкин”лигини айтишни хоҳламаганида, “бу беш юз кишининг аксарияти ҳали ҳам тирик эканлиги далилини эслатишдан бирор маъно бўлиши даргумон”17. Бу шоҳидларнинг орасида Масиҳга душманона кайфиятда бўлганлар ҳам ёки Унинг тирилганига шубҳа қилганлар ҳам бор эди. Етарлича ахборотга эга бўлган одамларнинг ҳеч қайсиси таршишлик Шоул Масиҳнинг издошлари сирасига киради деб ҳисобламаган бўларди. У Масиҳдан нафратланарди ва барча масиҳийлик ҳаракатини йўқотиш учун масиҳийларни тинмай таъқиб қиларди. Шунга қарамай, кейинчалик исми Павлусга алмаштирилган Шоул масиҳийликнинг буюк ва жўшқин тарафдорларидан бирига айланди. Бунчалик туб ўзгаришни нима келтириб чиқарган бўлиши мумкин? Бунинг учун кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас, қайта тирилган Масиҳнинг шахсан намоён бўлиши талаб қилинганди (қаранг: 1 Кор. 9:1; Ҳав. 22:4–21). Ёки мисол учун, Исонинг укаси Ёқубни оламиз. Муқаддас Китоб Исонинг укаларидан бирортаси ҳам У ҳаёт бўлганида Унга ишонмаганини кўрсатади (қаранг: Юҳ. 7:5; Марк 3:21–35). Бунинг устига улар Қуддусдаги халқ байрами пайтида Исони ҳалокатли тузоққа алдаб туширишга ҳаракат қилишганди. Бироқ Ёқуб кейинчалик ўз акасининг издошлари ва таъқибга учраган масиҳийлар сафига қўшилди. У илк Жамоат раҳбарларидан бирига ва унинг дастлабки жафокашларидан бирига айланди, буни Иосиф Флавий, Егезипп ва Климент Александрийский тасдиқлаган. Унинг масиҳийликка муносабатидаги бу қадар ибратомуз ўзгаришни нима келтириб чиқарди? Эҳтимол, Ёқуб ҳам Исони У тирилганидан кейин кўргандир? Тирилишни “тушунтириш”га уринишлар Исонинг тирилиши атайлаб уюштирилганлигини кўрсатишга уринган кўп назариялар илгари сурилган. Қайта тирилишга оид кўплаб далилларни рад этиб бўлмаслиги боис, бу уринишлар далилларни бошқача изоҳлаш ва тирилишни афсона, уйдирма ёки табиат қонунлари таъсири доирасига киритиши мумкин бўлган тушунтиришни топиш истаги билан боғлиқ. Скептиклардан камдан камигина асосий далилларни – суд, хочга михлаш, дафн қилиш, соқчилар, муҳр ёки бўш дахмани инкор қилади, – чунки уларни тасдиқловчи тарихий далиллар жуда кучли. Улар шунчаки ўлган одамнинг ҳаётга қайтганини рад этишади, холос. Бу скептикларнинг нуқтаи назарини қуйидаги тарзда ифодалаш мумкин: «Бунинг ҳаммаси шундай, аммо қандайдир бошқа тушунтириш бўлиши шарт». Бу назарияларнинг баъзиларига қўшилиш учун, Янги Аҳдда таклиф қилинган тушунтиришлардан кўра кўпроқ ишонч зарур бўлади. Биз бу назарияларнинг ҳар бирини “Тирилишнинг исботлари” китобимизда кўриб чиққанмиз. Бу ўринда эса ҳар қандай назария барча далилларни тушунтириб бериши кераклигини, жумладан, ҳаворийлар ўзларининг Исо ҳақиқатан ҳам учинчи куни жисмонан қайта тирилганига ишонганлари учун азоб ва ўлимни қабул қилишга тайёр бўлгани далилини ҳам изоҳлаш шартлигини таъкидлаб ўтамиз. Агар тирилиш алдамчилик бўлса, у ҳолда улар ниманинг ҳаққи-ҳурмати учун бунчалик тайёргарлик билан азоб ва ўлимга юз тутишди? Кимлардир буни ҳаворийлар оммавий алаҳсираш (галлюцинация) таъсири остида бўлгани билан тушунтиришга ҳаракат қилган, бироқ психологлар алаҳсираш – якка тартибдаги кечинма бўлиб, одамлар гуруҳида айнан бир хил алаҳсираш бўлиши мумкин эмаслигини бизга айтмоқда. Бу муқобил тушунтиришлар очиқ-ойдин бўлган далилларга шунчаки тўғри келмайди. 4-БОБ ХЎШ, КЕЙИНЧИ? Сиз ушбу китобда тақдим этилган Исонинг тирилишига оид далилларни қандай баҳолайсиз? Масиҳнинг дахмаси бўш бўлгани ҳужжат билан тасдиқлангани далилини билгач, қандай қарор қабул қиласиз? Сиз Масиҳ ҳақида шахсан нима деб ўйлайсиз? Мен (Жош) Масиҳ тирилганининг рад этиб бўлмас далилларига дуч келганимда, ўзимга бундан мантиқий келиб чиқадиган саволни беришимга тўғри келди: «Масиҳ менинг гуноҳларим учун хочда ўлгани ва ўликдан тирилганига ишониш-ишонмаслигим менинг ҳаётимда қандай акс этади?» Сиз ёки бошқа кимдир бу саволга жавоб бериши учун, Исонинг шогирдларига айтган сўзлари устида ўйлаб кўришингиз лозим бўлади: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳ. 14:6). Ҳаворий Бутрус ўз Устозининг мардона таъкидини такрорлар экан, шундай дейди: «Ахир... Нажот бошқа ҳеч кимдан келмайди. Унинг номи – бутун оламда нажот берадиган ягона номдир» (Ҳав. 4:11–12). Исо Ўзининг Ота Худо билан муносабатга ягона йўл эканлигини бевосита айтади. Бизнинг Худо билан муносабатларимизни тузатишга муҳтожликнинг сабаби, – бу гуноҳдир. Римликларга мактубга кўра (3:23), ҳамма – яъни ҳар биримиз – Худонинг улуғворлигидан маҳруммиз. Натижада бизлар муқаддас Худодан узоқлашганмиз ва ўз гуноҳимиз учун жазога лойиқмиз, бу жазо Худодан мангу узоқлашишдир. Аммо Муқаддас Китобнинг ҳайратомуз ҳақиқати шундан иборатки, Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди (қаранг: Рим. 5:1). Масиҳ тирилганининг рад этиб бўлмас далиллари ҳақида, Исо гуноҳларни кечириши ва Худо билан мангу муносабатларни таклиф қилиши тўғрисида билгач, ким ҳам Уни инкор қилар даражада калтабин бўла оларди? Масиҳ тирик! У бугун яшамоқда! Энг мантиқий қарор – Унга ўз ҳаётимизни ишониб топшириш ва фақат У амалга ошира оладиган ўша шахсий эврилишни бошдан кечиришдир. Исонинг сиз учун қилганларига қандай жавоб қайтаришингиз мумкин? Исо Ўз ўлими ва қайта тирилиши орқали нимаики қилган бўлса, сиз ўз ибодатингиз орқали жавоб беришингиз мумкин. Ибодат, бу – Худо билан шунчаки суҳбат, холос. Худо сизни танийди ва Унинг учун сўзларингиз унчалик муҳим эмас, балки қалбингизнинг жойлашуви муҳимдир. Агар сиз ҳеч қачон ўзингизни Масиҳга бағишламаган бўлсангиз, қуйидаги дуо билан ибодат қила туриб, бу ишни ҳозироқ амалга оширишингиз мумкин: Раббим Исо, мен Сенга муҳтожман. Сен менинг гуноҳларим учун хочда ўлганинг учун сенга миннатдорчилик билдираман. Мен Сенга ўз ҳаётим эшикларини очаман ва Сени ўзимнинг Нажоткорим ҳамда Раббим деб тан оламан. Менинг гуноҳларимни кечирганинг ва менга абадий ҳаёт берганинг учун Сенга ҳамдлар бўлсин. Менинг ҳаётим тахтида ростдан ҳам Сенга тегишли бўлган Ўз ўрнингни эгалла. Мени Ўзинг кўришни истаганингдек одамга айлантир. Бу ибодат юрагингизнинг истагини ифодалайдими? Агар шундай бўлса, ҳозироқ уни айтинг ва Масиҳ Ўзи ваъда қилганидек, сизнинг ҳаётингизга кириб келади. Масиҳни ўз юрагингизга қабул қилиш учун ибодат қилдингизми? Ундай бўлса, Ваҳий китобида Унинг Ўзи берган ваъдага кўра (3:20), У сизга нисбатан ҳозирнинг ўзидаёқ қаерда жойлашган дейсиз? Масиҳ сизнинг ҳаётингизга киришини айтганди. У Ўз ваъдасини бажармаслиги мумкинми? Йўқ! Худо сизнинг ибодатингизга жавоб берганига ишончингиз комил бўлаверсин, чунки Унга ва Унинг Сўзига бемалол таянса бўлади. Муқаддас Китоб Масиҳни қабул қилганингиздан сўнг, сиз абадий ҳаётга эга бўлишингизга ваъда беради: “Худонинг гувоҳлиги шундан иборат: Худо бизга абадий ҳаёт берди ва бу абадий ҳаётнинг манбаи Худонинг Ўғли Исодир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Худонинг Ўғлига эга бўлмаган одамда эса ҳаёт йўқ. Эй Худонинг Ўғлига ишонганлар, сизлар абадий ҳаётга эгасизлар. Шуни билиб олинглар деб, сизларга бу мактубни ёзяпман.” (1Юҳ. 5:11–13). Масиҳ сизнинг ҳаётингизда эканлиги ва У ҳеч қачон сизни ташлаб кетмаслиги учун ҳозироқ Худога шукрона айтинг (қаранг: Ибр. 13:5). Унинг ваъдасига асосланиб, Масиҳ сизда яшаётгани ва Уни ўз юрагингизга таклиф қилган пайтингиздан бошлаб абадий ҳаётга эга бўлганингизни билиб олишингиз мумкин. У сизни алдамайди. Қандай қилиб ўз имонингизда ўсиб боришингиз мумкин? Сиз масиҳийлик ҳаётини ёлғизликда ўтказиш учун яратилмагансиз. Худо Каломи қатъий туриб, бизни руҳан ривожланиш ва бир-биримизга яна кўпроқ далда бериш учун учрашиб туришга чақиради (қаранг: Ибр. 10:25). Битта ғўлага қараганда, бир неча ғўла кучлироқ ёнади. Совуқ ўчоққа битта ғўла ташлаб кўринг, олов тез орада ўчади. Сизнинг бошқа масиҳийлар билан муносабатиниз билан ҳам худди шу ҳол рўй беради. Агар сиз қандайдир жамоатнинг аъзоси бўлмасангиз, у ҳолда таклиф кутиб ўтирманг, балки ташаббус кўрсатинг. Масиҳни ҳурмат қиладиган ва Унинг Каломини ўрганаётган яқин атрофдаги жамоатнинг чўпонига мурожаат қилинг. Шу ҳафтанинг ўзидаёқ бошланг ва ўзингиз учун жамоатга мунтазам қатнашни режалаштириб олинг. Агар шу саҳифаларни ўқиётиб, сиз Масиҳ орқали Худо билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатган бўлсангиз, илтимос, бизга ёзиб юборинг ва бу ҳақда сўзлаб беринг. Биз эса Масиҳга эргашишингизда сизга ёрдам берадиган материалларни бажону дил юборамиз. Биз билан www.JoshMcDowell.ru веб-сайтимиз орқали боғланишингиз мумкин. Бу сайтда сиз руҳан саёҳатингизда ёрдам бериши мумкин бўлган видео материаллар, мақолалар, китоблар ва бошқа манбаларни топишингиз мумкин. Ушбу китоб ва сизнинг Масиҳга имон келтириш қарорингиз Худо билан янги муносабатлар натижасида ҳаётингизни тўла ўзгартирсин. Жош Ж. Макдауэлл Шон Ж. Макдауэлл ЭСЛАТМАЛАР 1-БОБ ТИРИЛИШ НЕГА БУНЧАЛИК МУҲИМ? 1. «SuperNinjette», хабар 2007 йил 16 июлда www.atheistnetwork.com да эълон қилинган. 2. «…кўп асрлик барча асарлар, ҳар қандай руҳан ўртанишлар, инсон даҳосининг барча илҳомлари ва ёлқинлари йўқолиб кетишга маҳкум... …инсоний ютуқларнинг бутун маъбади кўмилиб кетиши тайин … Фақат шу ҳақиқатларга таянибгина, фақат муқаррар умидсизликнинг мустаҳкам асосига таянибгина - руҳ масканини ишончли бунёд этиш мумкин, холос». Бертран Рассел, «Озод одамнинг саждаси ». 3. N. T. Wright, The Challenge of Jesus (Downers Grove, IL: Inter-Varsity Press, 1999), 126. 4. Бу бандлар қуйидаги асарда баён қилинган: Stephen T. Davis, Risen Indeed (Grand Rapids: Eerdmans, 1993), 203–4. 5. Isaac Asimov, иқтибос олинди: Randy Alcorn, Heaven (Carol Stream, IL: Tyndale, 2004), 393. 6. Alcorn, Heaven, 241. 2-БОБ БИЗ ТИРИЛИШ ЧИНДАН ҲАМ СОДИР БЎЛГАНИНИ АНИҚ БИЛИШИМИЗ МУМКИНМИ? 1. Craig Blomberg, The Historical Reliability of the Gospels (Downers Grove, IL: InterVarsity Press, 1987), 73. 2. Ross Clifford, Leading Lawyers' Case for the Resurrection (Edmonton, Alberta: Canadian Institute for Law, Theology & Public Policy, 1996), 104–5 (курсив меники. — Ж. М.). 3. Blomberg, Historical Reliability of the Gospels, 75–76. 4. Norman L. Geisler, Miracles and Modern Thought (Grand Rapids: Zondervan, 1982), 58. 5. Ronald Sider, «A Case for Easter» HIS (Апрель 1972), 27–31. 6. Louis Gottschalk, Understanding History, 2nd ed. (New York: Knopf, 1969), 150. 7. Sean McDowell, The Fate of the Apostles (Farnham, UK: Ash-gate Press, 2015). 8. Янги Аҳд қўлёзмаларининг батафсилроқ кўриб чиқилишини сиз бизнинг “Ҳукм талаб қилувчи далиллар: шубҳаланаётган дунё учун руҳ бағишлайдиган ҳақиқат” номли китобимиздан топасиз (Evidence That Demands A Verdict: Life-Changing Truth for a Skeptical World; Grand Rapids: Baker Books, режалаштирилаётган нашр —2017 йилнинг кузи). 9. John Wenham, Easter Enigma (Oxford, UK: Paternoster Press, 1984), 10–11. Уйғунлаштиришга яна бир уриниш, қаранг:. Jesus Christ: The Greatest Life Ever Lived, comp. and trans. Johnston M. Cheney and Stanley Ellisen (Eugene, OR: Paradise Publishing, 1994), a revision of The Life of Christ in Stereo (Portland, OR: Western Baptist Seminary Press, 1969). 10. Stephen T. Davis, Risen Indeed (Grand Rapids: Eerdmans, 1993), 69 (курсив меники. — Ж. М.). 11. N. T. Wright, «The Transformation of the Bodily Resurrection», in The Meaning of Jesus: Two Visions, Marcus Borg and N. T. Wright (New York: Harper San Francisco, 2000), 121–22. 12. Paul Maier, In the Fullness of Time: A Historian Looks at Christmas, Easter, and the Early Church (Grand Rapids: Kregel, 1998), 180 (курсив меники. — Ж. М.). Бу ҳақиқатми? Бунга ишонса бўладими? 3-БОБ ТИРИЛИШНИНГ ДАЛИЛЛАРИ 1. Цицерон, V «Варрасага қарши». 2. Доктор Александер Метерелл билан интервью Lee Strobel, The Case for Christ (Grand Rapids: Zondervan, 1998), 197–98. китобида чоп этилганди. 3. William D. Edwards, Wesley J. Gabel, and Floyd E. Hosmer, «On the Physical Death of Jesus Christ», Journal of the American Medical Association 255, no. 11 (March 21, 1986). 4. Michael Green, Man Alive! (Downers Grove, IL: Inter Varsity Press, 1968), 33. 5. Gary R. Habermas, «Why I Believe the New Testament Is Historically Reliable» in Why I Am a Christian: Leading Thinkers Explain Why They Believe, ed. Norman L. Geisler and Paul Raymond E. Brown, The Death of the Messiah, vol. 2 (New York: Doubleday, 1994), 1240. 6. Raymond E. Brown, The Death of the Messiah, vol. 2 (New York: Doubleday, 1994), 1240. 7. Will Durant, Caesar and Christ (New York: Simon and Schuster, 1944), 572. 8. Юҳанно Сўзамол; John Chrysostom, Homilies of St. John (repr., Grand Rapids: Eerdmans, 1969), 321. дан иқтибос. 9. Рим армиясининг аҳамияти Масиҳдан бир неча аср кейин яшаган қадимги ҳарбий тарихчи Флавий Вегеций Ренат асарларида алоҳида таъкидланади. Ўзининг “Ҳарб ишининг қисқача баёни” шарҳида Вегеций Рим армияси ютуғининг сирини очиб беради: «Ғалаба фақат қўшин сони ёки биргина жасоратга боғлиқ эмас; фақат маҳорат ва интизом ғалаба гарови бўлади. Биз... римликлар ҳарбий маҳоратни мунтазам ўрганиб борганлиги, ўз қароргоҳларида қаттиқ интизомга риоя қилганлиги ва урушнинг бошқа санъатларини тинмай машқ қилганлиги боис дунёни забт этганларини билдик”. 10. Archibald Thomas Robertson, Word Pictures in the New Testament, 6 vols. (Nashville: Broadman Press, 1930), 1:238–39. 11. Paul Maier, «The Empty Tomb as History», Christianity Today, 1975 йил 28 март, 5. 12. Graduate Council of Indiana University, 1928 ҳамкорлигида чоп этилган диссертациядан парча, George Currie, «The Military Discipline of the Romans from the Founding of the City to the Close of the Republic». 13. Bill White, A Thing Incredible: A Reassessment of the Resurrection Narratives in Relation to Holy Week and Israel (Israel: Yanetz Ltd., 1976). 14. Michael Green, The Empty Cross of Jesus (Downers Grove, IL: InterVarsity Press, 1984), 22–23. 15. Reginald H. Fuller, The Foundations of New Testament Christology (New York: Scribner's, 1965), 142. 16. Hans von Campenhausen, «The Events of Easter and the Empty Tomb», in Tradition and Life in the Early Church (Philadelphia: Fortress, 1968), 44. 17. C. H. Dodd, «The Appearances of the Risen Christ: A Study in Form-Criticism of the Gospels» in More New Testament Studies (Manchester, UK: University of Manchester Press, 1968), 128. Шахсан сиз МАСИҲ ҳақида нималарни ўйлаяпсиз? УНИНГ тирилиши сиз учун қандай аҳамиятга эга? Сиз ҳақиқатан ҳам ИСОнинг ўлганига, дафн этилганига ва тирилганига ишонасизми? Ота-ўғил МАКДАУЭЛЛАРнинг зўр иштиёқ билан ўқиладиган китоби ушбу саволларга жавобни аниқлаб олишингизда сизга ёрдам беради. ВИССОН нашриёти 1