Н.Е.Бойко
Абадийликка
ишонаман
Мундарижа
Кириш
сўзи
I боб
II
боб
III боб
1V боб
V боб
V1 боб
V11 боб
V111 боб
1Х боб
Х боб
Х1 боб
Х11 боб
Х111 боб
Х V1 боб
Х V11 боб
Х V111 боб
Х1Х боб
Стр.2
Кириш сўзи
Биродаримиз Николай Ерофеевич Бойконинг номини Худонинг халқи 1968 йилда эшитди. Уша вақтда унинг исми–шарифи Исо Масиҳга эътиқоди учун маҳбуслар рўйхатида пайдо бўлди. У Раббийга имон келтирган биринчи кундан бошлаб мамнуният билан ҳаммага Исонинг исмини ваъз қилиб юрди ва бунинг оқибатида бир неча марта озодликдан маҳрум бўлди. Николай Ерофеевич тутқунликда қанчалар ҳақоратлангани фақат Яратганга аён. Уни оиласи билан учрашувлардан маҳрум қилдилар, келган мактубларни бермасдан йўқ қилиб юборавердилар, музхонага айланган камерада унинг ўпкаси шамоллашига дучор бўлди.
Аммо Парвардигор Ўз хизматкорига раҳм–шафқатини кўрсатди, унинг ҳаётини сақлади. У эътиқодига содиқ қолиб, таъқибчилари билан ҳамкорлик қилмади.
Золимлар Николай Ерофеевични тириклайин озод қилмоқчи эмас эдилар, азиз биродаримиз Худонинг мадади билан тирик қолди, қулоқ эшитмаган синовлар алангасида содиқ бўлди. Худо халқининг ибодатлари билан 1988 йили озод бўлди.
Николай Ерофеевич озод бўлгандан кейин 15 йил ҳаётини ғайрат ила Худога хизмат қилиш билан ўтказди: кучи борича жамоат оқсоқоли хизматини олиб борди, вилоятлараро кенгашнинг аъзоси, Одессада Жамоатлараро бирлашманинг уй қурилиши бўйича масъул хизматчиси бўлиб ишлади.
Николай Ерофеевичнинг мўътабар 82 ёши шуни исботлайдики, бизнинг тақдиримиз тамомила Раббийнинг қўлида, узоқ умр кўришни асло ҳаётдаги шароитлар белгиламайди, балки Худонинг хоҳиш–иродаси белгилайди. Оғир йўлга қарамай, катта қалъа чегарасига етиб борди, мазмундор кунлар кечириб, Раббий билан бўлди. Унинг заминдаги жанги ғалаба билан тугади.
С новой стр.
I–боб
Мен Николаев вилоятининг Прибужон қишлоғида туғилганман. Бу қишлоқ Вознесенск шаҳридан 3 километр нарида жойлашган. Онам туғилган кунимни аниқ эслай олмасди. Аниқлаш имкони ҳам бўлмади, чунки гражданлар уруши йилларида архив ёниб кетган эди. Кейинрок маълум бўлдики, мен узоқроқ бир қариндошим билан бир кунда туғилган эканман. Демак, мен 1923 йил 26 февралда туғилганман, аммо ҳужжатларимда туғилган йилим 1922 йилнинг 9 январи деб қайд қилинган. Техникумга кирмоқчи бўлганимда, ўзимча шу санани ёздирган эдим.
Болалигим қийинчилик билан ўтди. 1933 йили Украинада очарчилик кучайгандан кучайди. Оиламизда тўртта ёш бола вафот этди. Фақат мен, икки синглим ва укам тирик қолдик. Ота–онам ўзларини православ динига мансуб деб ҳисоблашарди, аммо Худога ишонишмасди. Лекин эсимда: улар Худо ҳақида бизга айтардилар, ибодат қилишни ўргатардилар. Ота–онам менга, Худо йўқ, деб айтардилар, мен ҳам бу гапга ишонардим. Имонлилар тўғрисида эшитмаганман, улар билан ҳеч қачон учрашмаганман ҳам, аниқроғи, қизиқмаганман.
Мактабда дастлабки уч йилда ўрта даражада ўқидим, бешинчи синфдан еттинчигача аълочилар қаторида бўлдим. Мени синфком қилиб сайладилар. Кейин комсомол сафига кирдим, комсомол ташкилотида котиб бўлдим. Менинг вазифамга бадал пулини йиғиш, турли мавзуларда суҳбатлар уюштириш, ҳар хил тадбирларни режалаштириш кирарди, жамоатларга бориб, ибодатгўйлар орасида комсомоллар бор ёки йўқлигини аниқлаш ҳам менинг вазифамга кирарди.
Мактабни ҳам тугатдим. Херсондаги денгизчилар техникумига ўқишга кирсам, штурман бўлиб, кемада узоқ–узоқларга сузсам деб орзу қилардим. Бу техникумга кириш учун конкурс катта бўларди, бунинг устига ўқиш пулли эди, оиламизда эса пулдан умид қила олмасдим. Орзуларим билан хайрлашишимга тўғри келди. Оддийгина касб–ҳунар билим юртини тугатиб, керамика заводида ишлай бошладим.
Ота–онам эрталабдан кечгача колхоз даласида меҳнат қилардилар. Мен ҳам кучим етганича ҳаракат қилиб, хўжалик ишларида уларга ёрдам берардим. Баъзан онамнинг ўрнига ошхона юмушларини ўзим бажарардим: оиламиз учун осонроқ бирон нарса пиширардим.
1941 йили 8 июнь куни Вознесенск туман ҳарбий комиссариати мени армияга чақирди. 11 июнь куни мен артиллерия қисмига келиб тушдим. Бу ҳарбий қисм Польшанинг Белосток шаҳри яқинидаги Лида деган шаҳарда жойлашган эди. Бир бой помешчикнинг қўрғонида полк мактаби бор эди, мен бу мактабда ўн кун машқ қилдим. 21 июнь шанба куни кечқурун хотиржам кино томоша қилдик. Якшанба куни эрталаб эса биз автоматларнинг узлуксиз тириллашидан, немис самолётлари ташлаган бомбаларнинг портлашидан уйғониб кетдик…
Кўчада ваҳимали бақир–чақирлар тинмасди. Биз олдинги куни машқ ўтказган майдонга баъзи аскарлар отилиб чиқдилар-у ўқ ёмғирлари остида қолдилар. Душман ўқларидан кимдир ўлди, кимдир яраланди…Мен ҳам кўчага югуриб чиқдим. Немислар самолётдан алангаланадиган фосфорли бомбаларни ташлардилар, ҳолдан тойган аскарларни тўхтовсиз отардилар. Мен ўққа учмай деб, катта дарахт атрофида айланавердим. Офицерлардан фақат навбатчи майор тирик қолди, холос. У биз билан полк мактабида бирга бўлган эди. Қолган ҳамма офицерлар (улар посёлкада яшардилар) бир кечада қирилиб кетди.
Ҳарбий қисмлар чекинарди, тирик қолган аскарлар мактабда қолдилар. Учинчи куни майор бошлиқлар билан алоқа боғлашга муваффақ бўлди. Тунда бизни шаҳарчадан олиб чиқишди. Йўлда бизга буғдой унидан тайёрланган егулик бердилар. Шу билан бирга бизни: “Биронта уйга кирманглар, сув, егулик сўраманглар”, деб : огоҳлантирдилар, чунки ғазабланган аҳоли рус аскарларини ўлдираётган эдилар.
Егуликларимиз тезда тугади. Биз оч–наҳор йўлда давом этдик. Йўлда ҳалок бўлганларнинг жасади ётар, аммо уларнинг озиғини олишга виждоним йўл қўмасди, аҳоли уйларига киришга эса қўрқардим.
Биздан бир оз олисда қуролланган аксарлар боришарди, уларнинг ўқлари тамом бўлган эди. Бу аскарлардан биз ўтиб кетдик. Хуллас, ухламасдан, бирон нарса емасдан ўн кун юрдим. Юриб ухлашни ўрганиб олдим. Минскка етиб боришимизга тахминан олти километр қолганда, қандайдир бир қишлоқнинг овлоқдаги уйига кирдим.
Ўғлим, у ерда немислар тўлиб ётибди! – деди уй бекаси қўли билан ишора қилиб.
Сизникида кийим йўқми, кийиниб олсам? – илтимос қилдим мен.
Аёл эскироқ шим, кўйлак берди, кейин: “қишлоқ ичидан боргин, қишлоқ атрофи ботқоқлик, ботиб кетишинг мумкин”, деб огоҳлантирди.
Қишлоқ катта, кўча кенг. Ўзимни шу ерлик йигитдай кўрсатиб, гоҳ–гоҳ сакраб, ҳуштак чалиб хиргойи қилганимча кетавердим.
Қишлоқнинг ярмига борганимда, қуёш анча кўтарилиб қолган эди.
Бирдан орқамдан: “Халт!” деган овозни эшитдим. Улар менга бақираётганларини тушуниб турардим, аммо ўзимни тушунмаганликка олдим.
Рус, халт! – деган баландроқ ва қатъийроқ овоз келди.
Мен орқамга қарадим.
Коммен, коммен! – деди немис ва қўли билан “бу ёққа кел!” деган ишорани қилди. Унга яқин бордим.
Солдатмисан?
Йўқ, – деб ёлғон гапирдим.
У шунда дарров бошимдан кепкамни олди, сочим олинган эди…
О, солдат, солдат! – деб кичикроқ уйга олиб кирди.
“Ўтир!” деб буйруқ берди немис.
Ўтиришим биланоқ уйқуга кетибман, фақат кечга бориб, қаттик зарбадан уйғондим. Мени узоқ калтакладилар, зарбаларни сезиб турардим, аммо уйғота олмасдилар. Немис менга асир тушганлар колоннасини кўрсатди. Асирлар орасида оддий одамлар ҳам, командирлар ва оддий аскарлардан иборат ҳарбийлар ҳам бор эди.
Бизни Баранович, Слоним, Волковск орқали Брестгача ҳайдаб бордилар. Брестда бир оз ушлаб туриб, поезда Германияга жўнатдилар. Кюстрин шаҳрига келганимизда, бизни беш қатордан қилиб тиздилар ва ҳар бир асирга рақамли белги тақиб қўйдилар.
–Коммунистлар борми? – деб таржимон орқали сўрадилар.
Сукунат ҳукм сурарди.
–Комиссарлар, командирлар борми?
Ҳеч ким чиқмади.
–Комсомоллар борми?
Бу пайтга келиб шунчалик толиққан, чанқаган эдимки, яшагим келмай қолганди. “Яхшиси, отиб ташлай қолсин”, деган фикр хаёлимдан ўтди, қўлимни кўтардим. Мендан кейин яна бир неча одам қўрқа–писа қўлини кўтарди. Биз олдинга чиқдик.
Немислар силласи қуриган асирлар оралаб юрдилар, асирларнинг юзларига қараб ҳеч қандай қийинчиликсиз яна 85 одамни олдинга чиқардилар. Одамнинг юзига қараб, кимлигини аниқлаш қийин эмас–ку.
Шундан кейин бизни “Сачсенхаузен” концлагерига жўнатдилар. Бу лагерь Ораниенбург яқинида эди. Ҳамма командирларни, коммунистларни ўша ёққа ҳайдадилар. Шолғом, аллақандай сабзовотлар билан боқардилар. Кунига 300 грамм нон берардилар. Нонни лавлаги ва арпа қипиғи аралаштириб ёпардилар.
Бизни соҳилда қурилиш материаллари туширишга олиб чиқардилар: қопларда цемент таширдик, қатор бўлиб тизилишиб, қирғоққа ғишт олиб чиқардик. Кийимларимиз худди чор Россияси даврида аскарлар кийган эски кўк шинел ва гимнастиёрка эди. Ҳаммамизнинг силламиз қуриган, ҳеч муболағасиз – қуруқ суяк ва теримиз қолган эди, холос. Кийимларимиз худди тулумга кийгизгандай осилиб турарди. Бу кийимларда ҳаракат қилиш қийин эди. Шинелларимизни ечиб ташлаб гимнастиёркада ишлардик. Намликдан, совуқдан, очликдан одамлар худди пашшадай қирилиб кетарди. Кўз олдингда очликдан жон бераётганларга қараб туриш – Худо кўрсатмасин – нақадар даҳшатли ўлим–а! Асирлар калтакдан ҳам ўлардилар.
Ҳаёт мен учун мазмунини йўқотди, аммо имконсизликка қарамай, ана шу оғир йилларда Худо ҳақида ўйламадим, чунки мени, Худо йўқ, деб ишонтирган эдилар.
Вақт ўтган сари, дармоним қуриб борарди. Бир куни соҳилга цемент солинган қопларни ташиётган эдик. Мен бор–йўғи 18 ёшда эдим. Шунчалик силлам қуриган эдики, цемент қопи мендан кўра оғир эди. Асирлардан яқинда келган иккита бақуввати елкамга цемент қопни юкладилар, аранг оёғимни судраб юра бошладим. Қироғоққа яқин жойда қоп мени “судраб кетди”. Мен гандираклаб кетдим. Ҳозир йиқиламану қоп мени босиб қолади, деб ўйладим. Оёғимда туришга қанчалик уринмайин, барибир қулаб тушдим. Қоп ёнимга тушиб, ёрилиб кетди, цемент сочилиб кетди. Бу аҳволни кўрган назоратчи олдимга автоматини ўқталиб югуриб келди. Автоматнинг учида пичоғи бор эди.Агар бор кучимни йиғиб ўзимни четга олмаганимда, автоматнинг пичоғи мени тешиб юборган бўларди. Назоратчи олдимга етиб келиб, тиззамга пичоғини тиқди. Жон аччиғида қочиб қолдим. Немис автоматини елкасига олди. Асирлар бақир–чақир қилиб қолдилар. Немис автомат тепкисини босмади. Шунда оёғимдан қон оқаётганини сездим… Гимнастеркамнинг елкасидан бир парчани йиртиб олиб, ярамни боғладим, албатта инфекция ҳам тушди. Оёғимда йиринглаш бошланди.
Концлагерда на врач, на санитар ва бирон дори–дармон бор эди. Яра битмасди. Мен ишга чиқолмай қолдим. Ҳаётим охирлашиб бораётганини тушуниб турардим. Лекин мен ҳали ёшман! – ўзимга раҳмим келди. Умуман, инсон нима учун яшайди? Ҳаётнинг мазмуни борми? Шунга ўхшаш бошқа кўп саволлар қалбимда туғён урар, менга азоб берарди. Аммо саволларимга жавоб топа олмасдим.
“Бунақа азоб тортгандан кўра, ўлган яхшироқ” – шу фикр миямдан чиқмас, ўзимни ўлдиришга ундарди. Қалбим эса исён қиларди: “Нимага шунчалик эрта ўлиб кетишим керак? Тахтакана ҳам 300 йил яшайди–ку! Наҳотки идрокли мавжудот бўлган инсон ўз ҳаётига ақлсизларча барҳам берса?!” Қалбимда кураш авж олиб борар, ҳали ўзим англаб етмаган, ҳаётдан мазмун излаш безовта қиларди.
1941– 1942 йиллар Германияда қиш қаттиқ келди. Лагеримиз қалин ўрмонзорда жойлашган эди. Биз доимо назоратчиларнинг қуршовида эдик. Барак эса нам, совуқ, иситишга ҳеч нарса йўқ. Концлагер бошлиғи ҳамма ногиронларни майда тараша, шох–шабба йиғиб келиш учун ҳайдади. Мен ҳассага таяниб аранг юрардим, лекин шунга қарамай, мени ҳам ўтин йиғишга мажбур қилдилар. Соғломроқ асирлар Баракни иситиш учун қучоқ–қучоқ шох–шаббаларни кўтариб келдилар. Бир сиқим қуруқ шохчаларга аранг таяниб ҳаракат қилар эканман, йўғонроқ шохни олиш учун ора–сира эгилиб қўярдим. Шу тариқа аста–секин юрдим. Бирдан буталар остида қандайдир мижиғланиб кир бўлиб ётган, нам қоғозга кўзим тушди. Мен эгилиб, букланган қоғозни олдим. Ҳар эҳтимолга қарши уни очмоқчи бўлдим, агар қоғозга ҳеч нарса ёзилмаган бўлса, ташлаб юбормоқчи эдим. Нам қоғоз йиртилиб кетмасин, деб эҳтиёткорлик билан очдим – қарасам, нимадир ёзилган, бунинг устига рус тилида! Биронтаси кўрмаяптимикан, деб атрофга назар ташладим. Ўқий бошладим: не кўз билан кўрайки: “Осмондаги Отамиз!” деган ибодат экан! Бошимдан оёғимгача бутун танам бўйлаб аллақандай шодиёнали титроқ турди! Ҳар бир сўзни ҳижжалаб ўқидим. Бу ибодат мени ўзига ром қилди. Йиғладим. Демак, мен сингари ўлимга маҳкум одамларнинг самоларда Отаси бор экан! Бу фикрдан илгари ўзим билмаган ички бир қудрат сездим. Азоб–уқубатда қолган қалбимни сирли хурсандчилик туйғуси эгаллади.
Ўша бебаҳо сўзлар ёзилган кўримсиз варақни ушлаганимда, ўзим шу лаҳзада руҳимда ҳис қилган лаззатни сизларга етказиш учун сўз топа олмайман. Худо бор! – деб шодланарди қалбим. Худо бор! Ҳаётимда кескин бурилиш лаҳзалари эди бу! Ноёб топилмани тасодиф деб айта олмасдим.
Агар бу ибодат немис тилида бўлганда ҳам, мен ажабланмаган бўлардим. Аммо немисларнинг жанг майдонларидан узоқ жойларда рус тилида ёзилган ибодатни топиб олганим мўъжиза–ку! Фақат асирга тушган рус буни мана шу кулфат юртига олиб келгани аниқ. Ким билади – биронта бахтиқаро ўлмасидан олдин бу қоғозни қўлидан тушириб юборгандир? Худонинг йўлларини билиб бўлмайди келтириб бўлмайди.
Нам қоғозни эҳтиёт қилиб буклаб, гимнастёркамнинг чўнтагига яшириб қўйдим. Баракка келиб, биринчи қилган ишим бу ибодатни ёд олиш бўлди: варақни олиб қўйишлари мумкин, аммо хотирадан ҳеч ким тортиб ололмайди. Нафақат ёд олдим, балки Худонинг бу ибодатини эрталаб ҳам, кечқурун ҳам илтижо билан айтавердим. Бу –менинг Худога биринчи марта онгли мурожаатим бўлди. Ҳатто ибодат қилишни унутиб қўймасам эди, деб қўрқадиган бўлиб қолдим. Бу ғаройиб ибодат сўзларини такрорлаганимда, Раббий менинг қалбимга қанчалар меҳрибонлик билан кириб келаётганини ҳис қилардим.
Бир неча кун тиришиб, хатосиз ўзим учун қадрли бўлган сўзларни такроладим. Кейин бу сўзларнинг маъноси устида ўйладим. Ҳар бир сўздан қандайдир куч чиқиб келарди!
“Осмондаги Отамиз…” демак, мен энди ҳамма унутиб қўйган етим эмасман!
“Осмонларда мавжуд бўлган…” – мана, Худо қаерда яшар экан! Нимага мен бу ҳақда илгари билмаган эканман?! Қалбимнинг туб–тубигача тўлқинланиб кетди, Худога эҳтиёжларим тўғрисида айтаман, деган қарорга келдим.
“Эй Худойим! – Агар Сен бор бўлсанг, менга нажот бер, – қалбимдан фиғон отилиб чиқди. – Агар Сен бор бўлсанг, менга ёрдам бер. Менинг аҳволимни ўзинг кўриб турибсан: яна оз вақтдан кейин ҳаётим тугайди…”
Масиҳнинг таълимоти ҳақида ҳам, Худо ибодатларга жавоб бериши ҳақида ҳам ҳеч нарса билмасдим. Лекин барибир ҳаётимда қандайдир ўзгариш бўлишини кутавердим. Лагердаги вазиятдан хулоса чиқариб, кунига ўлаётган асирларга назар ташлаб, тиббий ёрдам кутиш беҳуда эди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, Баракка бирдан таржимон кириб, шундай дея эълон қилди:
“Барча ногиронлар, чўлоқлар, хасталар врачнинг қабулига кирсин!”
Қалбим шодликка тўлиб, титради: “Худо менинг ибодатларимга жавоб берди!”
Бечора халқ қатор бўлиб тизилиб, навбат билан врачнинг қабулига кирди. Ҳамма хасталар орасидан тўрт кишини операцияга тайинлади, жумладан, мени ҳам. Уч кундан кейин бизни тракторнинг прицепига юклаб, назоратчи билан госпиталга жўнатдилар. Хирург ярамни тозалаб, боғлади ва: “Ечмагин”, деб буюрди.
Дока то ўзи ейилиб кетгунча юравердим.
“Осмондаги Отамиз” ибодатини мен унутмасдим. Ибодатдан кейин сўкиниш, чекишни ўзимга уят деб билдим – виждоним бунга йўл қўймасди. Чекишни ташладим, сўкинмасликка ҳаракат қилардим – виждоним ҳам хотиржам бўлди. Ёмон хатти–ҳаракатларим учун Муқаддас Руҳ мени фош қилганини кейинроқ тушуниб етдим.
Операциядан кейин бир неча ой ўтгач, лагерга бир фермер келди. У лагер бошлиғидан, картошка йиғишга асирлардан берсангиз, деб сўради. “Менда фақат ногиронлар, ким борса, олавер” деди бошлиқ.
Асирлар, албатта мен ҳам, “Далада картошка еймиз–ку”, деган умид билан шошилиб қолдик. Икки ҳафта бизни картошка йиғишга олиб бордилар. Ўша йили мен учун хом картошка қовурилганидан кўра, мазалироқ туюлди. Шу даражада силлам қуриган эди. Иш пайтида хом илдизмевани шинелимиз этагига ёки кўйлагимиз енгига артиб, еяр эдик. Тушликка хўжайин биз учун махсус картошка қайнатарди – бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган лаззатли таом эди! Асирларга анча куч кириб қолгани сезилиб турарди. Лекин афсус, йиғим–терим ишлари тугади…
Гарчи мен меҳнатга лаёқатли бўлмасам ҳам, мени ва яна бир неча асирларни “Сименсштадт” концлагерига жўнатдилар. Бунда мен яна Худонинг меҳрибонлигини кўрдим, албатта, ибодатларимга жавобан.
Бу ерда бизни – бемажол, ҳолдан тойган ногиронларни заводга ҳайдадилар. Заводга боргунча уч километр пиёда юришимиз керак эди. Қўлингдан келадими – келмайдими, ёғоч Бараклар қуришинг шарт. Завод эгаси – фабрикант ишчиларга берилаётган маҳсулотдан манфаатдор эди, шу боис бизни яхши боқарди. Тушликни заводга олиб келишарди. Ҳеч ким мени мажбур қилмаса ҳам, овқат учун шукроналик билдиришга юрагим даъват қиларди. Мен ҳамманинг олдида тиз чўкиб, ибодат қилардим ва кейин овқатни тановул қилардим. Овқатдан кейин егулик учун Худога миннатдорчилик билдирардим.
Тушлик олиб келадиган немис ибодат қилаётганимни кўрди ва тушунтиришим учун менга луғат олиб келди (Аммо мен мактаб партасидан немис тилини бир оз билардим. Лагерда баъзан немис тилидаги газеталар ҳам пайдо бўлиб қолар, мен ўзимча немис тили билан шуғулланардим. Фронтда нималар юз бераётганини ҳижжалаб ўқиб, билиб олардим. Қайғудош ўртоқларимга бу ҳақда айтиб берардим.)
“Сен немисчани биласанми?” – ҳайрон бўлди немис.
“Ҳа“, деб гапни тўхтатдим. Чунки у билан ҳар қандай мулоқот таъқиқланган эди. Кейинроқ у менга қандайдир католикнинг рус тилидаги диний китобини олиб келиб берди. Бу китобда Масиҳ ҳақида гапириларди, аммо кейинчалик шуни билиб олдимки, билимсизлигим туфайли бу китобдан чин дилдан қабул қилганларим ниҳоятда бузилган, ғирт ривоятлар экан. Бошқа бир ҳақиқатни мен била олмадим.
Бизни узоқ вақт Барак қурилишида банд қилиб турдилар. Қурилиш шундай кетарди: дастлаб майдон тайёрланар, кейин қозиқ қоқиларди. Қозиқларга тўсин ташланиб, уларга устун тираларди.
Бошлиқ ишчилар билан немисча гаплашарди, аммо ҳеч ким тушунмасди. Асирлар эса нима қилишларини билмай анграйиб тураверардилар. Бошлиқ эса уларни калтакларди.
“Николай, у биздан нимани истайди, таржима қил. Нима учун у бизни уряпти?” – деб сўрардилар болалар.
“Куракларни олинглар, вагончаларни четга суриб, қурилиш учун майдонни тайёрланглар, деяпти”
Болалар хурсанд бўлиб, ишга киришиб кетардилар. Бу вазият бошлиқнинг нигоҳидан четда қолмади.
Сен немисчани биласанми?
Озроқ.
Юр, менга таржимон бўласан.
Ўшандан бошлаб бошлиқнинг ҳамма кўрсатмаларини таржима қилиб берадиган бўлдим. Айни пайтда болалар билан баравар ишладим.
Лагер таржимони қочиб кетди (у москвалик эди). Лагер бошлиғи мени таржимон қилиб тайинлади. Мен ишда ҳам, лагерда ҳам, касалхонада ҳам таржимонлик қилардим. Касаллар врач ҳузурига келар, улар нимадан шикоят қилаётганларини врач тушунмасди.
1943 йилга келиб лагерда немис формасидаги бир одам пайдо бўлди, аммо рус тилида тоза гапирар эди, биз унга ҳайрат билан қарадик, айни пайтда ўзимизни олиб қочардик.
“Лагерга эълон қил, токи ҳамма йиғин жойига келсин, ҳозир йиғилиш бўлади”.
Мен эълон қилдим.
Маълум бўлишича, бу одам рус офицери – власовчи экан. У асрларни фронтга даъват қилди. “Ким Власов армиясига боришни истайди, хоҳловчилар ариза берсин”, – деб вақти–вақти билан бизнинг Баракка келиб туришга ваъда берди.
Кимдир ариза берди. Мен уларни қайтаришга уриндим. (Бу пайтга келиб менда шундай тушунча шаклланиб бўлган эди: агар сўкинсам – Худо олдида гуноҳ қилган бўламан, одам ўлдириш эса бундан ҳам баттарроқ.) “Сизларга нима бўлди? Ўзларингизникини ўлдирмоқчимисизлар? Биродар биродарини–я?!”
Асирлар иложсизликдан ҳамма нарсага тайёр, нима бўлса ҳам шу ердан чиқиб кетсам бўлди, деган хаёлда эдилар. “Бу ердан чиқиб кетсам бўлди, бироз қувватга кириб, ўзларимизникига қочиб кетаман…”
“Бу ердагидан кўра, у ердан қочиб кетиш қийинроқ”, деб бошқаларни кўндирмоқчи бўлдим, ўзим ҳам власовчининг кўзига кўринишни истамасдим. У Баракда кўриниши биланоқ, бурчакка бориб, беркиниб олардим. Мени қидиришиб: “Таржимон қаёққа йўқолди?” деб бақиришарди. Мен эса жавоб бермасдим. Бир неча марта мени топа олмадилар, осонгина қутулиб кетдим. Бир куни барибир мени излаб, яширинган жойимдан топиб, бошлиқнинг кабинетига олиб келдилар.
Нимага яшириниб юрибсан?
Мен очиқчасига тан олдим.
Бу армияга ёлланишни истамайман.
Нималар деяпсан ўзи? Большевикмисан? Коммунистмисан? – Шундан кейин бошланиб кетди–я!
Таржимон бўлсам ҳам, мени роса калтаклашди. Сўнгра бошлиқ буйруқ берди:
Эртага ишга чиқасан, ҳе ўша сенга ўхшаган большевикни…!
Баракка келиб, ўйлай бошладим: юра оламан, оёғимдаги яра аста–секин битаётган эди. Ишга чиқаман, йўлда мени коммунист деб отиб ташлайдилар. Мен чин дилдан Худога илтижо қила бошладим. Бир неча марта кўрган эдим–ку Худойим мени қандай ҳимоя қилаётганини. Лекин барибир ўлимдан қўрқардим…Тун бўйи: “Эй Худойим, Ўзинг мени сақлагин”, деб ибодат қилиб чиқдим.
Эрталаб бригада билан сафга турдим. У ерда мени ошхонанинг бошлиғи кўриб қолди. “Сен қаёққа?” деб сўради у. Юз берган воқеани унга айтдим. У бригадирдан, ишчиларни олиб кетмай тур, деб илтимос қилди ва ўзи штабга югуриб кетди.
“Ошхонада таржимоним йўқ! Жуда безор бўлдим: битта нарсани олиб келишни буюрсам, бошқа нарсани кўтариб келади. Бойко менга ёрдам берсин…” – деб мени қайтариб олди.
Ошхонада мен анча кучга тўлдим, ватанимга қайтгим келарди. Бизнинг армиямиз Одер дарёси яқинига келиб қолганини газетадан билган эдим. Санкт–Петербурглик бир йигит ҳам қочиб кетишни мўлжаллаб юрганимни сезган экан. “Биласанми, бизникилар Одердан ўтишлари биланоқ, немислар ё бизни отиб ташлайдилар, ёки америкаликларга бериб юборадилар. Яхшиси, қочиб қолиш керак… деди”.
Ўзимиз ҳақимизда шубҳа туғдирмай, эҳтиёткорлик билан қочиб кетишга тайёрланавердик. Ниҳоят, бир куни кечаси қочдик…Бизга қарата ўқ отдилар, биз эса анча узоққа кетган эдик, шунинг учун ўқлар етиб бормасди. Бутун тун бўйи йўл юрдик. Кундузи эса эҳтиёт бўлиб кетдик, чунки устимизда асирлар кийими эди–да.
Немислар ваҳимага тушиб, бизга заррача эътибор бермай, ҳар ким дуч келган томонга қочиб кетаётганини кўрганимизда, дадил бўлиб йўл юрдик.
Ниҳоят, фронт чизиғини босиб ўтдик! Ўзимизникиларни, ўзимизнинг қардошларимизни кўрдик!
Аскарларга юзма–юз келганимизда қаёқдан келаётганимизни тушунтирдик. Кийимларимизга қараб ҳам бизни дарров билиб олишлари қийин эмас эди. Аскарлар бизни командирнинг олдига олиб келдилар. Мени артиллерия полкига юбордилар, қўшинимиз билан Берлингача бордим.
Шу пайтларда ғалати ҳодиса юз берди: мен асирликда бирга бўлган одамлар билан учрашиб қолдим. “Ие, тирикмисан? Йўғ–э, бўлиши мумкин эмас! Ахир, сизларнинг жасадларингизни кўзимиз билан кўрдик–ку! дейишди” Маълум бўлишича, лагер бошлиқлари асирларни қўрқитиш учун лагерга иккита мурдани олиб келишган экан ва “Ким қочса, уларни мана шундай қисмат кутади”, деб таҳдид қилишган экан.
***
Даҳшатли уруш ҳам тугади. Ҳамма аскарлар битта нирсани орзу қилишарди: тезроқ ватанимга, оилам, яқинларим, туғишганларим бағрига қайтсам дерди! Асосан ҳамма кетиб бўлди, фақат баъзи аскарларнигина Германияда ушлаб турдилар.
1945 йили ҳарбий қўмондонлик кутилмаганда, бир хабар етказди: Менга ватан хоини сифатида жиноий иш очилган эмиш! Терговни олиб бораётган капитан делога шундай деб ёзибди: “Бойко қўлида қурол билан ўз ихтиёри бўйича асир тушган…”. Ғазабим қайнаб кетди,
“Ҳўв офицер! Қандай қилиб бунақанги ёлғонни ёздингиз?! Мен ҳатто ёш жангчилар курсини ўтамасдан турибоқ асирга тушиб қолдим! Ҳали қасамёд ҳам қилмаган эдим, қўлимга қурол ҳам беришмаган эди! Бунинг устига, уруш бошланмасдан олдин ҳатто қасамёд қабул қилганларнинг учтасига битта қурол берилган–ку!”
“Сен комсомол бўлгансан, қурол топишинг керак эди, тириклай асир тушмасдан, ўзингни отишинг шарт эди”, – деди офицер.
“Бу бошқа гап! Кўлида қурол билан ўз ихтиёри бўйича асир тушган... деган гап нимага керак?!”
Офицерга тушунтириш бефойда эди. Суд ҳукм чиқарди: “15 йил каторга ишларига, 5 йил сургун, 5 йил ҳуқуқлардан маҳрум қилиш”.
Жазо муддатини ўташим учун мени Воркутага жўнатдилар.
О меҳрибон Худойим! Агар Худойимга дуч келмаганимда, агар Унга ибодат қилишни ўрганмаганимда, бу азобларни қандай кўтарар эдим?! Худойимга илтижо қилмаган куним бўлмади. Худо бор деб чин дилдан ишонардим. У менинг илтижоларимни эшитяпти, мени ноҳақ ҳукм қилганларини У билади. “Худонинг қўли мени номаълум йўллардан олиб боради”, деб ўзимга тасалли берардим, чунки на умидсизликка тушардим, на афсус чекардим.
II–боб
Биз Воркутага етиб келдик. Энди у қамоқхонадан бу қамоқхонага сарсонгарчилик бошланди. Мен, қанийди маҳбуслар орасида имонлиларни учратсам, Худо ҳақида бирон нарсани эшитсам, деб шунчалик ошиқар эдимки! Барҳаёт Худога ишончим мустаҳкамланиб борарди, чунки У менинг ибодатларимга жавоб берарди. Тўғриси, дастлаб “Бу тасодиф бўлса–чи?” деган фикрлар ҳам хаёлимдан ўтган эди. Қайта–қайта текширганимдан кейин шунга қатъий ишонч ҳосил қилдимки, бу Худо қўллари билан яратган мўъжиза эди.
Ҳозир эса менга тушунарли: ўша пайтда мен Худони қандай билиш керак бўлса, шундай билмасдим, фақат У борлигига ишонардим, холос. Кейинчалик мен шундай одамларни учратдимки, улар Худонинг борлигини инкор қилмасдилар, аммо улар нажот топишларига ишонмас эдилан. Одамда бундай ишонч бўлиши учун, аввало, Худо олдида ўзининг гуноҳкорлигини англаши керак.
Лагерларда мен монтажчи бўлиб ишладим, кончилик асбоб–ускуналарини созлардим, сантехника ишларини яхши билардим, шунинг учун мени у зонадан бу зонага ташлардилар.
Лагерлардан бирида бир маҳбуснинг кичкина китобчани ўқиб ўтирганини кўриб қолдим, “қандай китоб ўқияпсан?” деб сўрадим. Маҳбус, бу китоб барибир бу одамга қизиқ бўлмайди, деб ўйлади, шекилли, изоҳ берди: “Бу китоб Худо ҳақида. Бир имонли вақтинча ўқишга берди…” Мен унинг олдидан кетмадим, охири ялиниб-ёлвориб, у китобни бир неча соатга сўраб олдим. О, ҳаётимда биринчи марта муқаддас Китобни қўлимда ушлаб турибман! Менинг шодлигимни тушуниш мумкин. Худди оч қолган одамдай муқаддас сўзларни вужудимга сингдириб олардим, менга ноаниқ бўлган саволларга ниҳоят жавоб топаётган эдим. Муқаддас саҳифалардан руҳимга самовий шодлик қуйилиб келаверди: Худо мен билан суҳбатлашаётган эди. Бирдам вужудимда титроқ турди: ўзимни нафақат гуноҳкор, деб ҳис қилдим, балки мен ҳалок бўлаётган гуноҳкор эканимни тушуниб етдим. Қанчалик Муқаддас Худо қандай қилиб менга тоқат қилар экан? Қандай қилиб, менинг ибодатларимга жавоб берар экан? – Қалбим вайрон бўлиб кетди. Шодлик, аччиқ қайғу вужудимга қуйилиб келаверди. Бирдан мен бошқа лагерга жўнатиладиган бўлиб қолдим. Афсус, қимматли Китобни кўз югуртириб ўқишга улгурган эдим–а. Энди бу Китоб билан айрилишимга тўғри келади.
Ҳаётимда ҳеч қачон Каломни эшитган ва ўқиган кунимдагидай чанқоқлик тафтини унутмадим. Калом менинг бутун борлиғимни эгаллаб олган эди. Калом қалбимга ўт ёққан эди, ҳар бир лагерда имонлиларни зўр бериб изладим, маҳбусларнинг ҳар бир жиддий гапларига доимо қулоқ тутдим.
Бирдан хаёлимга бир фикр келди: синглимга хат ёзаман, қанча қиммат бўлса ҳам Янги Аҳдни сотиб олиб, менга юбор, деб илтимос қиламан! Ўша йиллари лагерда нафақат диний китобларни сақлаш, балки бадиий асарларни ўқиш ҳам ман қилинган эди. Шуни ҳисобга олиб, синглимдан, агар китобни сотиб олсанг, менга олдиндан хабар бер, деб илтимос қилдим. Мен озодликдаги одамлар билан ишлаганим учун бир нарсага умид қилардим: уларнинг манзилидан фойдаланаман, синглим қимматбаҳо совғани уларнинг манзилига юборади.
Вақт имиллаб ўтарди. Лагерга янги маҳбуслар келди. Уларнинг орасида имонлилар йўқмикан, деб ғамгин маҳбусларни кўздан кечираман. Эътиборимни кўринишидан вазмин, ёш йигит тортди. Унинг исми Степа экан. Ҳали ёшлигиданоқ болалар колониясига тушибди, вояга етгач, умумий лагерга ўтказишибди, муддати ҳали тугамаган экан. Маълум бўлдики, у немис бўлиб, меннонит мазҳабига мансуб, имонли. Биз дўстлашиб, бўш вақтимизни кўпинча бирга ўтказардик. У имонлиларнинг ҳаёти тўғрисида менга ҳикоя қилиб берар, унинг ҳикоялари мен учун ниҳоятда қизиқарли бўларди. “Биз Худога хизмат қилганимизда, болалар қўшиқ куйлашади, шеърлар айтишади”, деди бир куни. Мен буни калламга сиғдира олмасдим: наҳотки болалар ҳам Худога хизматда иштирок этишса?
Ниҳоят, мен синглимдан қуйидаги мактубни олдим: “Николай, сен сўраган нарсани топиб, лагерга жўнатдим…” Тасаввур қиласизми, қалбимда нималар туғён урди?! Муқаддас Китоб қатъиян ман қилинган жойга юборилибди! Мен тинчимни йўқотдим: ҳар куни посилка олиш учун рўйхат кўргани бордим. Охири, кутган нарсам етиб келди! Менинг фамилиям ҳам рўйхатда бор экан!
“Степа! Нима қиламиз? Китоб келди!”
Тушунарли: Худонинг аралашувисиз Илоҳий китобни бизга бермайдилар!
Мен биринчи марта Хушхабарга кўз югуртирганимда, ибодатни мустаҳкамлайдиган куч–қудрат – рўза эканини англаб етган эдим. “Биласанми, Степа, кел, рўза тутамиз. Худойим асирликда ҳаётимни сақлади, шу қадар даҳшатли жарликдан мени олиб чиқди. Хушхабарни бизга беришлари учун наҳотки У ҳозир бизга ёрдам бера олмаса?! Худойим билади: мен Унинг Китобини ўқишга ташнаман, Худо ўша китобни менга бермаслиги мумкин эмас!” – Худонинг қудратига қатъий ишонч ва тасалли билан биз уч кунлик рўза эълон қилдик, учинчи куни мен тақсимот хонасига бордим.
Одатда, посилкани эгасига беришда оператив қисм бошлиғи, ҳарбий врач, озодликдаги тақсимотчи ва маҳбуслардан бир тақсимотчи иштирок этарди (бу тақсимотчи қора ишни бажарарди: посилкани очарди), бошқалари эса посилкани синчиклаб текширарди.
Посилкани қаердан кутяпсан?
Вознесенскдан.
Тақсимотчи шу пайтда посилка ўралган матони қирқиб, михни суғурди ва қопқоқни кўтарди. Мен назар ташладим, юрагим қинидан чиқиб кетгудай бўлди: о Худойим! Усти ҳеч нарса билан беркитилмаган, кичикроқ ҳажмдаги, қора чарм муқовали, муқовасига олтинранг хоч тасвири туширилган Муқаддас Китоб ўзига жалб этиб турарди! Хаёлимда Худога фарёд қилдим: “Худойим, менга раҳминг келсин! Мен учун Китобингни сақлагин!”
Бошлиқ кескин ҳаракат қилиб Китобни олди ва пала партиш варақлай бошлади. Мен бошлиқдан кўзимни узмай ибодат қилавердим. У Китобни охиригача варақлаб бўлиб, яна биринчи саҳифага қайтди.
–Муқаддас Китоб?! – у баланд овоз билан ва ҳайрон бўлиб ўқиди ва эътиборсизлик билан менга қаради. – Нима, поп бўлмоқчимисан?
–Муқаддас Китобни ўқиган ҳамма одам ҳам поп бўлиши шарт эмас, – деб жавоб бердим ва ибодат қилишда давом этдим.
Бошлиқ Муқаддас Китобни ёпиб, стол устига ташлади. Ҳарбий врач: “Таъқиқланган нарса йўқ!” деб ахборот берди ва “Озиқ–овқатларни нимага соласан?” дегандай саволомуз менга қаради.
Шу пайтда дарров эсимга тушди: ёстиқ жилдни олишни унутибман. Маҳбуслар одатда посилкага борганларида сумка ўрнига ёстиқжилддан фойдаланар эдилар.
“Эсимдан чиқибди, ҳеч нарса олмабман”, – деб ўзимни оқламоқчи бўлдим.
Тақсимотчи дарров топқирлик қилди: посилка ўралган матони қўлимга тутқазди: мен уни кенгроқ очиб турдим, тақсимотчи эпчиллик билан стол устига ёйиб ташланган егуликлар билан бирга Китобни ҳам қўли билан супуриб қўлимдаги матога ташлади!
“Раҳмат!” – деб бидирлаб гапирдиму биринчи, кейин эшикни очиб, қочдим! Шунчалик югурдимки, ортимдан отда ҳам югуриб етиб бўлмасди. Оёғим ерга тегмай югурдим! “Бирдан эсларига тушиб қолса–чи, ҳаммаси тугайди”, деган ўйда эдим. Аммо ортимдан ҳеч ким қувмади. Кейинроқ бу воқеани эслаб, бир нарсани тушундим: Худо ёвуз одамларнинг ақлини хиралаштириб қўяди, шунинг учун улар маккор ниятларини амалга ошира олмай қоладилар.
Мен Баракка югуриб кирдим. Степа ҳали ҳам тиз чўкканича Худога илтижо қиларди. Мен учун мана шу ёш йигитнинг Худо Каломига эга бўлишга иштиёқини кўриш жуда қимматбаҳо эди.
“Степа! Қўлга киритдик! – деб ҳаяжон билан китобни юқори кўтардим. – Дарров яширишимиз керак!”
Китобни Баракда қолдирмасликка қарор қилдик. Бошқа Баракдан хилват жойни топдик. Муқаддас Китобни “бирдан кўриб қолсалар нима бўлади” деган ўйда уч кун яширган жойимиздан чиқармадик. Мен бу Китобни назорат ходимларининг текширувидан сўнг олган бўлсам ҳам, кейинроқ лагер бошлиқлари бу қимматбаҳо Китобни топиш учун бир неча марта синчиклаб текширувлар ўтказди.
Бизни ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилганимиздан кейин, титраб китобни олдик, баланд супурги ўтлар орасига яшириниб, ўқий бошладик. Биринчи саҳифани очиб, ҳайрон бўлдим…У китоб эмасми?! Бошқасини ўқидим. Шунда тушундим: бу Хушхабарнинг ўзи эмас, балки Муқаддас Китоб. Мен Китобни ўқиб, кўп нарсани тушунмадим ва буни ўзимнинг бехабарлигимга йўйдим. Бирибир сўзларнинг туб мазмунига етишга иштиёқим зўрайиб бораверди. Бу тўғрида кўп ибодат қилдим, юракдан қайғуриб, тиз чўкканимча саҳифама–саҳифа ўқидим. Худо менга яна бир шундай имкониятни яратиб бердики, кундузи ҳам, кечаси ҳам ўқиш имкониятига эга бўлдим. Илтимос қилмасам ҳам, мени кечки сменага ишчи қилиб ўтказишди (асбоб–ускуналарни созлайдиган бўлдим).
Кечалари узлуксиз ўқидим, кундузи эса ўқилганларни хотирамда тиклашга ҳаракат қилдим. Аммо қанчалик тиришиб ҳаракат қилмай, ўқиганларимдан ҳеч нарсани эслай олмасдим.
Хотирамнинг сусайишини илгаридан сезиб юрардим: мактабда олган билимларим гўё учиб кетган эди. Олдин ўзим билган ва тушунган биронта формулани, биронта қонунни эслай олмасдим. “Бу концлагерда сен оч ўтказган беш йилнинг оқибати”, деб менга тушунтирдилар. Бундай ҳолда Муқаддас Китобда ўқиганларимни қандай эслаб қоламан?! Яна Худога илтижо қилдим: “Эй Худойим, мен фақат ўқишим керак эмас, балки ўқиганларимни ҳаётга татбиқ этишим ҳам керак, хотирам эса панд беряпти…”
Шу ибодатимдан кейин Худо эътиборимни ҳаворий Павлуснинг мактубига қаратди: “Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради” (Филип. 2,13). Ўзимча ўйлайман: Худонинг Каломини эслаб қолиш истагини менда фақат У пайдо қилди, демак, У менга хотирани ҳам беради! Каломни тиришиб ўқир эканман, Худо қалбимнинг истагини олдингидан кўра кўпроқ ижро этаётганини англаб етдим. Ўша йиллари – 1948 йилларда ёд олганларимни ҳозиргача яхши эслайман. Худонинг марҳамати шу эмасми?!
Орадан кўп ўтмай, мени бошқа лагерга ўтказдилар, Степа билан айрилишимизга тўғри келди. Маҳбусни бир кунда неча марта тинтув қилишларини тутқунликда бўлганлар билади. Ишга олиб чиқадилар – тинтув, зонага қайтасан –яна тантив, рухсат этилмаган нарсани кимдир олиб келади – яна тинтув, янги маҳсуб келади – яна тинтув. Олдинлари тинтувлардан чўчимасдим – таъқиқланган нарса менда бўлмасди, энди эса Муқаддас Китобим бор, бунинг устига ҳажми катта!
Мени йилига олти марта, балки кўпроқ этапга чақиришарди, бу дегани – 12 марта қаттиқ тафтиш дегани. Бунинг устига яна лагер бўйича тинтув ҳам бўларди. Муқаддас Китобни қолдириб кетиш хаёлимга келган эмас. Қандай қилиб ундан айрила оламан?!
Бошқа йўли йўқ эди, шунинг учун ҳар доим Китобни ўзим билан олиб юрардим. “Этапга!” деб эълон қилишлари биланоқ, Худога умид боғлаб, бошқа лагерга кетгунимча, постда турардим.
Бир воқеа эсимдан чиқмайди: бир маҳбус мени бошқа лагерга ўтказаётганларини эшитиб, дўстимга суратимни бериб қўйсанг, деб илтимос қилди. Лагерда фотосурат таъқиқланганини мен билмас эканман. Суратни ён дафтарчам ичига солдим. Бу дафтарчани цемент қоғоз қопларини қирқиб тикиб ясаган эдим.
Этапга келдим. Худойим Муқаддас Китобимни сақласин, деб рўза тутганман. Ўша кунги навбатчи ярамас экан: “Чўнтакларингдаги, ёстиқжилддаги нарсаларингни полга тўк!” деб буйруқ берди. Мен унинг буйруғига итоат этдим. Шунда ён дафтарчам ичидан фотосурат ерга тушди. Навбатчи ён дафтарчамни тепкилаб: “Ҳамман нарсангни йиғиштир, изоляторга кир!” деб бақирди. Хаёлим китобда: “Эй Худойим! Нима қилса ҳам майли, Муқаддас Китобим омон қолса бўлди”. Изоляторда ўтирибман. Навбатчи мени чақиради: “Сенга жазо – бор, коридорнинг полини юв!” Хаёлимда эса шу фикр: “Иккита коридорни ювай, фақат Муқаддас Китобим омон бутун бўлса бўлди”.
Худо мўжиза туфайли Муқаддас Китобимни сақлади. Худонинг куч–қудратини қаранг–а. Бу мен учун унутилмас сабоқ бўлди. Худонинг қудрати ишончимни мустаҳкамлади. Энг муҳими – Масиҳ ўргатганидай, доимо Худо билан мулоқотда бўлиш эди. “Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар” (Юҳанно 15,7). Кўпинча қўриқчилар текширув пайтида Муқаддас Китобни варақлайдилар, аммо ҳеч нарсани тушунмайдилар. Биринчи бетда аниқ қилиб “Муқаддас Китоб” деб ёзиб қўйилган, лекин очмайдилар. Хавфли вазиятлар ҳам бўлган, мен ҳар доим рўза тутардим ва хаёлимда: “Мен учун ҳаётимдан ҳам қимматли бўлган Китобингни шафқатсиз нигоҳлардан яширгин, эй Худойим”, деб доимо ибодат қилардим. Худойим менинг эҳтиёжларимни ва иштиёқимни биларди, шу боис озодликка чиққунимча Муқаддас Китобимни сақлади.
Муқаддас Китобни ўқиганимда, Хушхабар билан танишувдан бахтиёр бўлганимни кўрсатадиган воқеаларни топмадим, англай олмадим. Нимага? Тушунмадим, аммо саҳифама–саҳифа тиришиб ўқийвердим. Малакий пайғамбар китобининг охирги саҳифаларни варақлайман. О, мана мўъжиза! Қуйидаги сўзларни ўқийман: “Раббимиз Исо Масиҳнинг Янги Аҳди”. Кейинги саҳифа “Матто баён этган муқаддас Хушхабар”. Энди англаб етдим: Муқаддас Китоб икки қисмдан иборат экан! Мана менга таниш воқеалар! Нақадар бахтиёрман! Янги Аҳдда ҳамма нарса менга жуда тушунарли, аниқ. Бир бобни бир неча марта ўқиб, янада яхшироқ тушуна бордим. Аммо фақат шугина эмас.
Виждоним қийнай бошлади: бу қанақаси бўлди? Сен Муқаддас Китобни ўқияпсану ўзинг гуноҳ қиляпсан! Тўғри, жанжал қилишни ёқтирмайман, аммо жанжал қиляпман, сўкиниш ёмон, лекин сўкиняпман. Гап нимада? Ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзларини ўқияпман: “Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча, истамаган ёмон ишни қиляпман. Агар истамаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен ўзим эмас, балки ичимда турадиган гуноҳ қиляпти” (Рим. 7: 19–20). Мана, гап нимада экан! Мен ўзимни ўзим тўғрилай олмайман, чунки мен гуноҳкорман. Бу оятларни ўқир эканман, умидсизликка тушдим ва : “Гуноҳдан қандай қилиб қутулиш мумкин? – деб ўзимга ўзим савол бердим. Хушхабардан, Масиҳ солиҳларни эмас, гуноҳкорларни даъват қилгани келгани тўғрисидаги оятни (Матто 9:13) ўқиганимда, қалбимга нур кириб юритиб юборди. Ўша гуноҳкор менман–ку! Тиз чўкиб, Худога илтижо қилдим: “Эй Худойим! Қанчалар гуноҳкорлигимни кўриб турибсан. Мен иллатлардан қутула олмаяпман (гуноҳларимни бирма–бир санай бошладим), Сенга ёлвораман: мени бу иллатларимдан халос қил…” Худо менинг илтижоларимни эшитди! Мен Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилдим. Ўша ибодатимда Худога яна шуларни айтдим: “Эй Худойим! Агар Сенинг хоҳиш–иродангга маъқул бўлса, ҳозирдан бошлаб мен Сенинг қулингман. Мени Ўзинг истаган томонингга етакла, нимани буюрспнг, мен бажараман”. Мен нажот топганимдан, онгли равишда қилган гуноҳларимдан халос бўлганимдан хурсанд эдим. Энди самоларда Раббий билан абадий бирга бўлиш насиб этганини билардим. Худо менинг руҳимни ўлик ҳаётдан тирилтирди, ўшанда Муқаддас Руҳ мени Худонинг севгиси ва Масиҳдага нажот тўғрисида гувоҳлик беришга даъват қилди. Худо менга нақадар ажойиб олам ҳадя қилди. Ва мен ибодат қилдим: “Худойим! Сен менга нажот йўлини кўрсатдинг! Маҳбуслар орасида Сенинг болаларингни топишимга ёрдам бер”. Мен ибодат қилавердим, айни пайтда одамларга Худо ҳақида астойдил ҳикоя қилдим. Муқаддас Китобни ўқиш учун ҳаммага беравермасдим – Китобимни тортиб олсалар, ҳеч қачон қайтариб бермасликларини билардим. Кечалари Юҳанно Хушхабарини кўчириб истовчиларга тарқатардим, бу китобни кўп марта кўчирдим.
Воркута механика заводида эркинликда юрганлар билан бирга ишлаётган эдим. Бир куни кетиш вақти бўлганда, маълум бўлдики, бошлиқ менинг карточкамни унутиб қолдирибди. “Югур, тезроқ, қидир!” деб буюрди у ёрдамчисига. Ёрдамчи топа олмабди, соқчи эса битта мен учун ишчиларни ушлаб тура олмайди. Бирдан у бақирди: “Ҳаммангиз Бойко билан чиқиб кетинглар! Дарвозани беркитяпмиз!”
Менга “Баракка қайт!” деб буйруқ бердилар. Шунда калламга бир фикр келди: Худойим мени нима учун бу ерда қолдирди? Балки, биронтасига Худо ҳақида гувоҳлик беришим керакдир? Қиладиган ишим йўқ, зона бўйлаб юрибман. Зона катта. Кимни учратсам, ўша билан Худо ҳақида суҳбат қўзғайман. Ярим кун ўтиб кетди, астойдил қизиққанларни учратмадим. Ўзимнинг Баракимга кирдим, тепа каравотга кўтарилиб, ўзимча муҳокама қила бошладим: “Худойим, Сенда тасодиф бўлмайди. Нима учун мен бугун бу ердаман?”
Бирдан ёшгина йигитчанинг овоз келди:
Обетоцкий шу ердами?
Уни танимаймиз, – деб маҳбуслар истамай жавоб бердилар.
Обетоцкийни мен билардим, у бизнинг монтажчилар бригадасида ишларди.
У ҳозир ишда, – деб жавоб бердим мен. Кейин эшик ёнида
ётган маҳбуслар йигитчадан сўрай бошладилар:
Ёшинг нечада?
18 га тўлдим, болалар колониясидан сизларникига ўтказишди.
Ўсмир мактаб ўқувчисига ўхшарди: озғин, азоб тортган, ғамгин.
Сени нима сабабдан қамашди?
Раисни ўлдирдим, – бола эзилиб жавоб берди.
Ўзи шунга лойиқ! – кулишди жиноятчилар. – Буниси ҳали ҳолва.
Сизлар, нима, қотилликни маъқуллаяпсизларми? – деб
суҳбатга қўшилдим. – Сизлар имонли эканингизга мен ишониб ўтирибман–а?! – деб уларни бир оз уялтирдим. – Муқаддас Китобда, қотиллик оғир гуноҳ, деб айтилган.
Ўсмир ўйчан ҳолда гапларимизни эшитди. Мен улар билан бир оз суҳбатлашдим, кейин “Обетоцкий смена тугагандан кейин келади”, дедим. Биз тарқалишдик.
Эртаси куни бизнинг Баракка бир нотаниш маҳбус келиб, имонлиларни қидирди, унга мени кўрсатдилар.
–Имонли сенмисан?
Ҳа, мен.
Сени бир йигит чақиряпти.
Мен кийиниб ташқари чиқдим. Қарасам, скамейкада кечаги ёш йигитча йиғлаб ўтирибди.
–Ие, сенга нима бўлди?
–Э, кечаги суҳбатдан кейин тинчим йўқолди. Сиз айтдингизки, қотиллар дўзахга тушади, деб. Менинг ҳолим нима кечади? Худо мени кечирадими? Ахир, мен қотилман–ку!
–Албатта кечиради! – деб тасалли бердим. – Худо ҳар қандай гуноҳкорни кечиради, фақат тавба қилиш керак, холос.
Йигитчани қайғуга солган гуноҳ тўғрисида Муқаддас Китобдан кўп сўзлар келтириб, унга тасалли бердим. Ҳатто унга Муқаддас Китобни яширган жойимни ҳам кўрсатдим. “Китобни эҳтиёт қилиб ўқигин”, деб айтиб қўйдим. Йигитча ўқирдию аммо унинг юзида ғамгинлик аломати кетмасди, чунки у қаттиқ эзилган эди. Бир куни у очиқ эътироф этди: “Мени ўзимни ўзим ўлдириш ҳақидаги фикр доимо қийнайди, чунки мен қўл кўтарган одам ҳеч кўз олдимдан кетмайди”. Мен Хушхабардан Исо Масиҳнинг хочга михланиши ва қароқчи қандай қилиб кечирим топгани ҳақидаги парчани топдим, унга “ўқи”деб таклиф қилдим. Агар ўшанда сиз ҳам бўлганингизда эди, қимматли сатрларни қанчалар ютоқиб, юраги ҳаяжондан дукиллаб турган ҳолда ўқиганини кўрган бўлардингиз. Мен уни кузатиб турардим, уни юзлари аста–секин илгари мутлақо номаълум бўлган Илоҳий нурдан ёришиб кетган эди. Унинг юзлари ёришиб кетди. Хотиржам бўлди. Унинг қалбида Худонинг раҳм–шафқатига умид учқунлари пайдо бўлди. Фақат шу учрашувдан ва суҳбатдан кейин нима учун менинг карточамни топа олмаганларини, бир неча кун мени ишга олиб чиқмаганларини тушундим. Ҳа, Худонинг ишларида тасодиф бўлмайди. Кўп ўтмай, биз айрилишдик. Уни этапга олишди. Келишганимиздай, йигитча Муқаддас Китобни жойига қўйган экан.
III боб
Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, ҳукм қилинган маҳбусларнинг ҳаёти мунгли, бир хилда, зерикарли бўлади. Баъзан гуруҳлар ўртасида ёки этаплар ўртасида ҳукмронликни қўлга олиш учун маҳбуслар шафқатсиз муштлашиб, бу ердаги ҳаётни жонлантиради. Бу ерда азобланган янги маҳбусларни кутиб оладилар, янгиликларни биладилар. Ана шундай мудҳиш кунларнинг бирида кечқурун, одатдагидай, ибодат билан Худога руҳимни тўкиб солдим ва ухлашга ётдим. Кечаси ухлаб ётганимда, кимдир менга шу гапни айтди: “Сени яна ўн йил қамоқ кутяпти, бу сафар Худонинг Каломи учун ётасан”. Бунақасини унутиш мумкин эмас. Уйғониб, чин дилдан ибодат қилдим: “Худойим, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин!” Тавба қилганимдан кейин мен ўн йилга эмас, бир умр қамоқда ўтиришга рози эдим. Фақат мана шу умидсиз одамларга Масиҳ ҳақида ваъз қилсам бўлди. Бу тушимдан кейин, ҳали биринчи муддатим тугамасдан, янги синовларга руҳан тайёрлана бошладим.
Хушхабарда қанчалар қувончли руҳ бор–а! Мен бу Китобни ўқиб, тадқиқ этдим – кўп нарса тушунарсиз бўлиб қолаверди? Лекин ким менга тушунтириб беради? Шунда синовдан яхши ўтган воситага – рўза ва ибодатга мурожаат этардим (иш оғирлигига қарамай, ҳар доим уч кеча–кундуз рўза тутардим). Худойим рўза ва ибодат орқали мени фақат жисмоний ва руҳийтомондан мустаҳкам қилиб қолмади, балки ниҳоятда қимматли ҳақиқатни ҳам очиб берди.
Ҳаворийларнинг Фаолияти китобида мени қуйидаги сўзлар ўйга солди: “Бутрус ҳибсда экан, жамоат у учун Худога чин дилдан ибодат қилди” (12:5). Менинг тасаввуримда жамоат – бу бир бино. Қандай қилиб бино ибодат қилиши мумкин?! Бу ё хато ёзилган, ёки ёзилганни тушунишга менинг ақлим етмайди. “Рўза тутаман, – деб қарор қилдим, – Худойим менга очиб беради”.
Ўша куни кечаси навбатчи мени уйғотди.
Тезда тур ўрнингдан! Этап.
Кўзимни очиб, қўшни кроватга қарадим. Бу ерда менинг бригадамдаги маҳбуслар ухлар эди. Ҳаммаси ухлаб ётибди.
–Нимага бошқаларни уйғотмадингиз? – ташвишланиб сўрадим.
–Кўп гапирма! Тезда кейин, соқчи кутяпти.
Ҳеч нарсага тушунмай, мен итоаткорлик билан ташқари чиқдим. Мени бошқа шахтага жўнатишди. Қаерда, ким билан ишлайман – буларнинг менга қизиғи йўқ эди. Бошқа лагерга келиб биринчи сўраганим “Бу ерда имонлилар борми?” деган савол бўлди.
“Бор!” – деб жавоб бердилар ва бир қарияни кўрсатдилар. Маълум бўлишича, бу лагерда турли мазҳабдаги одамлар имонлилар ҳисобланар экан.
Мен қарияни ахтара бошладим. Бу Егор лазаревич Башмаков деган самимий биродар бўлиб, Запорожье вилоятидан экан. У дарров менга ибодат қилишни таклиф этди. Қалбим шодликка тўлди: мен ҳақиқий масиҳийни биринчи кўришим! Мен тиз чўкканимча, хурсандчиликдан йиғлардим! Менда Муқаддас Китоб борлигини билган биродарим руҳланиб кетди, кўзларидан нур чақнади. У китобни қўлига олиб худди болалардай йиғлади. “Бу китобни бу ерга қандай қилиб олиб келдинг?!” Суҳбатимиз шунчалик ширин бўлдики, сўз билан ифодалаб бўлмайди! Руҳан тасалли топдик.
Кечқурун маълум бўлдики, мени бу лагерга адашиб олиб келган эканлар. Олдинги иш жойимга қайтариб олиб боришни талаб қилибдилар. Мен эса бунда Худонинг ғаройиб ишини кўриб турардим. Биродарим йиғилиб қолган ҳамма тушунарсиз саволларимга жавоб берди. Эркин, ишончли, қисқа жавоб берарди. “Муқаддас Китобнинг фалон оятини оч”. Мен очардим – сирлилик пардаси йўқолиб кетарди. Ҳаммаси оддий. Қария менга Муқаддас Китобнинг параллел жойларидан фойдаланишни ўргатиб қўйди.
Бино ибодат қилиш мумкинми? – деб болалардай сўрадим. – Жамоат нима дегани?
Ҳаворийларнинг Фаолияти 8–боб, 3–оятни оч.
“Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоққа ташлар эди”. О, мана жамоат нима экан! – деб хурсанд бўлганимдан бақириб юбордим. – Тушундим, тушундим!
Егор бобо менга бир китобча берди. Бу –Яков Крекернинг “Нажоткор билан бир сафда” деган китоби экан. “Бу китобчани синчиклаб ўқи”, деб маслаҳат берди. Мен китобчани ўқишга шўнғидим ва кўп руҳий бойлик топдим.
Бу китобчада ёзилганларни унутмаслик учун кўчириб оламан.
Сени ҳозир этапга чақириб қоладилар–ку!
Келинг, Худойимга ибодат қилайлик: кўчириб бўлмагунимча, мени жўнатмайдилар.
Биз ибодат қилдик. Мен цемент қоплари қоғозидан тикилган ён дафтарчамга шоша–пиша кўчиришга тушдим.
Мени ишга олиб чиқмадилар, чунки менинг мутахассислигим бўйича иш йўқ экан. Кечқурундан бошлаб тун бўйи кўчирдим. Ҳамма ухлаяпти, мен эса Худонинг ажойиб ҳақиқатидан лаззат олиб завқланяпман.
Эрталаб чақирувга биноан ишга келдим. “Қўриқчи йўқ, Баракка қайтиб бориб, ўша ерда кутиб ўтир!” Мен – бахтиёр инсон бориб, яна кўчиришни давом эттирдим. Ора–орада бир оз мизғиб олдим, фақат ёзавердим–ёзавердим. Ҳар куни эрталаб бораман, яна қайтиб келаман – брошюрани кўчириб бўлмагунимча шу ҳолат давом этаверди.
Китоб кўчиришни тугатишим билан мени олиб келган жойга олиб бориб қўйдилар: соқчи ҳам топилди, олиб кетиш учун машина ҳам топилди. Мен учун энг қимматли нарса – имоним мустаҳкамланди. Худо менинг эҳтиёжларимни билади, маҳбуслик ҳаётининг икир–чикирларига ғаройиб равишда менга ҳамроҳ бўлади. Ким учундир ана шу икир–чикирлар аҳамиятсиз бўлиб туюлиши мумкин, менга – нолойиқ одамга буларнинг ҳаммасида Худонинг буюк меҳрибонлиги намоён бўлаётган эди!
Худо мени имонлилар билан учраштириб, руҳимни тарбиялади, ишончимни мустаҳкамлади. Аммо ер юзида бошқа маҳбуслар бу тўғрида сўраганларида, кўплаб турли–туман таълимотлар борлиги сабабли, бир нарсага тушунмасдим: ўзимнинг имонимни қандай номлашим мумкин?! Бир куни Баракка келиб, тиз чўкдим–да, ибодат қила бошладим: “Эй Худойим, Каломинг орқали имон қандай бўлиши кераклигини менга аён қил”. Яҳудонинг мактубини очиб, қуйидагиларни ўқийман: “Эй севганларим, муштарак нажотимиз ҳақида ёзишга ғайратим кўп бўлган. Худо бу имонни ўз азизларига умрбод омонатга топширган, мен эса сизни шу йўлда яна жонкуярлик билан курашишга ундамоқни лозим кўрдим” (3–оят). Азизларга қандай имон берилган эди? Бу оятнинг иқтибосига қарадим ва ўқидим: “Фақат Масиҳнинг Хушхабарига муносиб равишда кун кечиринглар…сизлар имонда собитқадам бўлиб, Инжил йўлида якдиллик билан курашиб бораётганингизни билиб олай” (Фил. 1:27).
Имон православ, католик бўлиши керак эмас, балки фақат Хушхабар имони бўлиши керак! Бу фикрнинг тасдиғи сифатида Марк Хушхабаридан қуйидаги оятни ўқидим: “…тавба қилинглар, хушхабарга ишонинглар!” (1:15) Хуллас, ҳаммаси тушунарли! Хушхабарга ишониш кераклигига ҳозиргача нима учун эътибор бермадим экан – билмайман, демак, мен Хушхабарга ишонаман! Эшитган ибодатларим учун Худога чин дилдан шукрона айтдим.
–Мен Хушхабар масиҳийлариданман, – дедим тантанали равишда навбатдаги учрашувлардан бирида маҳбуслардан бирига.
–Демак, сен баптистсан! – деди у. Яна навбатдаги муаммо! Яна савол пайдо бўлди:
–Баптистлар ким?
–Сувда имон келтирганлар, – дея хайрихоҳлик билан тушунтирди у.
–Мен ҳали сувда имон келтирмаганман, демак, баптист эмасман, – деб ўзим учун тушунтириш бердим, мураккаб саволларга Худо Ўзининг Каломи орқали жавоб юборгани учун хурсанд бўлдим.
Шундай қилиб, Худонинг раҳнамолиги остида мен Муқаддас Китобни ўрганавердим. Асосан, ҳамма ухлаган пайтда – кечаси ўрганардим. Бир куни шунчалик ўйга чўмибманки, навбатчи кирганини ҳам пайқамай қолибман. Ўша шафқатсиз одам навбатчи экан. Довдираб қолдим. Лагер қоидаларига кўра, бошлиқлар кирганда, маҳсуб ўрнидан туриши керак. Ўрнимдан туриб, ибодат қилдим. Навбатчи олдимга келди. Олдимда Муқаддас Китоб очиқ турибди, яна дафтар ҳам бор. У Муқаддас Китобни қўлига олиб, ўқий бошлади. Юрагим така–пука булиб кетди: Эй Худойим! Ўзинг сақла!“ Ўзимча изоляторга боришга тайёрлана бошладим. Фақат Муқаддас Китобим бутун қолса бўлди. Навбатчи шошилмай ўқийверди, ўқийверди. Охири индамай китобни стол устига ташлади–да, бир сўз демай чиқиб кетди. Ана шу вақтда мен Худога илтижо қилаётган эдим. Навбатчи эшикни ёпиб чиқиб кетгандан кейин дарров Муқаддас Китобни ёпдиму ухлагани ётдим. Адёлни бошимга тортиб, ибодат қилишда давом этдим: ишқилиб навбатчи эслаб қллмаган бўлсин, қайтиб келмасин–да. Худога шукр! Худо бу сафар ҳам меҳрибонлигини намойиш қилди: Муқаддас Китоб бутун қолди. Худонинг куч–қудратига мен доим ишониб келдим. Худойим ҳар қандай эҳтиёж билан мурожаат қилишга мени ўргатди. Мен сувоқчиликка мажбур қилдилар, чунки менинг мутахассислигим бўйича одам йўқ экан. Ёшлигимда отамга ғишт теришга ёрдам берардим, сувоқчилик эса қўлимдан келмасди. Энди эса бу ишни бажаришимга тўғри келди. Бу ифлос ишни шунчалик ёмон кўрардимки! Қоришма деворга эмас, ерга ва ўзимга кўпроқ сачрарди – шунақада кайфиятим ёмон бўлиб кетардики!
Мен ибодат қилишга қарор бердим: “Эй Худойим! Менга ёрдам бергинки, бу ишни севай, ахир, Сенинг хоҳиш–иродангсиз сувоқ қилишга мени мажбур қилдилар”. Худойим менинг ибодатимни эшитди: мен ишга хурсанд бўлиб борадиган бўлдим, ҳар куни ишим бароридан келаверди. Энди атрофга қоришмани сочмасдим, ўзим ҳам тоза, ҳатто сувоқчилик менга ёқиб қолди. Ўзимга хулоса қилдим: агар ишни яхши кўрсанг, хурсандчилик билан, чин дилдан меҳнат қиласан, ишинг ҳар доим ўнгидан келади!
Кейинроқ Воркутадаги зоналардан бирини капитал ремонт қилаётиб, Баракдан пол тагидан дафтар топиб олдим. Дафтарга масиҳийлик мадҳиялари ёзилган экан. Аммо қўшиқларни эшитишга муяссар бўлмадим. Менга мадҳиянинг мазмуни ёқди: “Оҳ мен бечора гуноҳкорман, Тўғри, мен шундайман…” Оҳангини ўзим танлаб олиб, чин дилдан куйлайдиган бўлдим.
Мен маҳбуслар орасидан доимо имонлиларни излашимни ҳамма биларди. Бир куни мен ошхонага улушимни олгани бордим (ҳар бир маҳбуснинг сим ўтказилган консерва банкаси бўларди) ва Баракка келиб овқатлана бошладим. Баракка ёши улуғроқ еттита одам кириб келди. Ҳаммаси маҳбуслар сингари озғин бўлса ҳам, баланд бўйли, елкадор эдилар. Улар мени излаётганларини юракдан сездим.
–Салом, биродарлар, – деб мурожаат қилдим улар менга яқин келганларида.
–Салом, – деб жавоб бердилар улар, тушундимки, улар православлар.
–Сизлар биродарлармисизлар?
–Биродарлар деганинг нимаси?!
–Масиҳдаги биродарлар–да.
–Биз православлармиз.
–Мабодо зонада менинг биродарларим борми?
–Сен православ эмасмисан? Эътиқодингни ўзгардирдингми? – деб таъна қилди улар.
–Мен ҳеч қанақа имонли эмас эдим, атеист эдим, энди Раббийга имон келтирдим. Сизлар кимсизлар ўзи?
–Бу фалон–фалон жамоатнинг оқсоқоли, буниси фалон жойдаги жамоатдан, – дея улар исмларини, хизмат олиб борган жамоатнинг номларини айта бошладилар.
Улар иззат–ҳурматга сазовор қариялар бўлиб, чор Россиясида яшаган эдилар. Мен улар билан 1952 йили учрашган эдим.
–Сизлардан илтимос, айтинглар–чи, бу зонада менинг биродарларим – Инжил масиҳийлари борми?
–Бор.
–Илтимос, мени у билан таништириб қўйинглар.
Қариялар эътироз билдирмадилар.
Бирга кетар эканмиз, мен улардан:
–Сизлар абадий ҳаётга эга бўлдингизларми? – деб қизиқиб сўрадим.
–Бу одамлардан қайси бири бу ҳақда билиши мумкин?! Буниси фақат Худога аён–ку.
–Сизлар одамларга Масиҳ ҳақида ваъз қиласизлар, ўлим тамом бўлмайди, қабрдан кейин ҳам абадий ҳаёт бор, деб гапирасизлару, ўзларингиз ўша ҳаётга эга эмассизлар.
–Эй йигитча, ўша ҳаётга сазовор бўлиш керак! – такаббурлик билан менга тушунтирдилар. – Сен абадий ҳаётга сазовор бўлдингми?
–Бўлдим.
Шу пайт ҳалиги қария – ташқи кўринишига ва даражасига қараб ўзим ҳурмат кўрсатган кекса одам ёмон сўзлар билан мени ҳақорат қилиб ташлади.
–Биласизларми, биз ҳозир биродарлар олдига борамиз, ўшанда абадий ҳаётга мен сазовор бўлганимни батафсил тушунтириб бераман.
Улар мени Баракка – биродарлар олдига олиб келишди.
–Ассалому алайкум биродарлар!
Дарров руҳ бошқача бўлди– қолди. Биродарларим – кекса одамлар, мен ёшман, бир–биримиз билан қучоқлашиб кўришдик. Ўшанда қанчалар бахтиёр бўлганимизни мен сўз билан таърифлаб бера олмайман!
–Биродарларим! Менда бус–бутун “Бўлка нон” бор!
Менда Муқаддас Китоб борлигини улар билдилару болалардан йиғлаб юбордилар! Бошлиқлардан биронтаси атрофимизда йўқмикан, деган хавотирда чор тарафга қараб, мен Муқаддас Китобни очдим ва Юҳаннонинг биринчи мактубидан ўқидим: “Худонинг гувоҳлиги шундан иборатки, Худо бизларга абадий ҳаёт берди. Бу ҳаёт эса Унинг Ўғлида мужассамдир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Ким Худонинг Ўғлига эга бўлмаса, ҳаётга эга эмас” (5:11–12).
Мен учун Хушхабар – мўътабар, Худонинг Каломига кўра ишончим комилки, мен абадий ҳаётга эгалигим тўғрисида Муқаддас Китоб гувоҳлик бериб турибди.
Менда Муқаддас Китоб борлигини православлар кўришдию суҳбат оҳангини ўзгартирдилар, мулойимлашиб, ҳурматли муносабатда бўлиб қолдилар. Ҳатто кекса биродарларимдан: “Айтинглар, бизга ҳам китобини бериб турсин, биз ҳам ўқийлик”, деб илтимос қилдилар. Мен эътироз билдирмадим:
–Биродарларим, мен ишда бўлганимда, ўқишларингиз мумкин, фақат эҳтиёт бўлинглар.
Кейинроқ биродарлар бир воқеани айтиб беришди: назоратчисиз юрмайдиган бир имонли орқали Воркутадаги масиҳийлар биродарларимизга Хушхабарни бериб юборган эканлар, аммо улар Китобни эҳтиёт қила олмабдилар: бошлиқлардан бири улар китобни ўқиётганларида устларига келиб қолибди ва китобни тортиб олибди.
Бир неча ойдан кейин ўзимга маълум бўлдики, мени тез орада бошқа лагерга ўтказишар экан. Биродарларимни руҳий озуқасиз қолдиришга жуда ачиндим, аммо ўзимнинг Муқаддас Китобимни уларга қолдира олмасдим.
–Келинглар, ибодат қилиб, рўза тутамиз, – деб таклиф қилдим мен. – Сизлардан тортиб олган Хушхабар китобини қайтариб беришсин. Ишонч муҳим, Худо ёрдамга келади…
–Йўғ–э, биродар Коля! Улар қайтариб беришармиди?!
Худо менинг ҳаётимда кўрсатган кўплаб мўъжизалар тўғрисида улар айтиб бердим. Тўрт йилдан бери у лагердан бунисига ҳамма тинтувлардан эсон–омон ўтиб, Муқаддас Китобимни олиб юрганимна айтдим. Улар ҳайрон қолдилар, ибодат қилишга рози бўлдилар. Хушхабар китобини биродаримиз Жуковдан тортиб олган эканлар, мен унга, ўша бошлиқнинг олдиган бор, деб маслаҳат бердим. Биз ҳаммамиз рўза тутдик.
–Қандай хабар бор? – ишдан келибоқ дарров қизиқдим.
–Кабинетидан қувиб чиқарди, бошқа кўзимга кўринма, деб айтди.
–Рўза тутишда давом этамиз, охири қайтиб беради, – деб далда бердим мен. Кейинги сафар бошлиқ биродар Жуковга дағдаға қилибди:
–Агар яна бир марта келсанг, изоляторга борасан.
–Умидсизликка тушмайлик, рўзани давом эттирайлик. Сиз эса бошлиққа шундай деб айтинг: “Хушхабар учун ҳамма нарсага тайёрман, чунки бу китоб менинг руҳий озуқам!”
Учинчи куни бошлиқ Жуковни кўриб қолиб, сўрабди:
–Нима бўлди, изоляторга ўзинг келдингми?
–Э муҳтарам бошлиқ, мени изоляторга қаманг, фақат Хушхабарни берсангиз бўлди. Менга нон бермасангиз ҳам розиман, овқатсиз яшай оламан, аммо Хушхабарсиз эса – йўқ, бу китоб менинг руҳий озуқам.
Бошлиқ биродаримизга анча вақт синчиклаб, синовчан қараб турибди–да:
–Қани, бу ёққа кел–чи! – дебди.
Биродар унга яқин келгандан кейин, столининг тортмасини очибди – у ерда бир неча Хушхабар китоби ётган экан.
Қайси бири сеники?
Биродаримиз кўзларига, қулоқларига ишонмай, Хушхабарни кўрсатибди.
–Ол, қария! Билиб қўй, агар яна қўлга тушиб қолсанг, китобни қайтариб олмолмайсан, ўзинг изолятордан чиқмайсан!
–Раҳмат, раҳмат! – деб миннатдорчилик билдирибди биродаримиз кабинетдан чиқар экан.
Ишдан қайтиб келиб, тўғри биродарларимнинг олдига бордим.
–Николай! Биласанми, қайтиб берди! – деб биродарларим хурсанд бўлишарди.
–Ана кўрдингизларми, ишончимиз бўлса, Худо нималар қилиши мумкин экан!
–Биз таъзим қилиб, чин юракдан, кўзларимизда ёш билан Қодир Худога ибодатларимизни эшитгани учун миннатдорчилик билдирдик.
Энди биродарларимда Худонинг Каломи борлигидан кўнглим хотиржам бўлиб кетдим. Худонинг қудратли ишлари тўғрисида ғаройиб хотиралар уларнинг ҳаёти охиригача қалбларига тафт беради. Мен улар билан қайтиб бошқа кўришмадим.
Мени Воркутадан 70 километр шимолга жўнатишди. Бу жойнинг номи Халмер–Ю. экан.Муқаддас Руҳ мени Масиҳда инъом қилинган шодлик ҳақида маҳбусларга қўрқмасдан гувоҳлик беришга даъват қилди. Худонинг сўзи бу зонадаги учта маҳбуснинг қалбларини забт этди. Нажот топганимиздан хурсанд бўлиб, битта руҳ билан яшаб, бўш вақтларимизда тўпланардик, Муқаддас Китобни ўқирдик. Биттамиз доимо қоровул бўлиб турардик, мабодо соқчи келиб қолгудай бўлса, вақтида огоҳлантирардик. Ҳаво яхши бўлган пайтларда эса ўтлар билан қопланган жарлик бўйига яшириниб олардик. Аммо эҳтиёткорликка риоя қилиб, шундай ўтирардикки, биттамиз бир томонни, яна бошқамиз нарига томонни кўриб турардик.
Лагердаги ҳаёт зерикарли ўтарди. Бир кун кечқурун уйқудан олдин одатдагидай ибодат қилдим, кейин ухлашга ётдим. Ғайриодатий бир хурсандчилик билан уйғондим. “Агар сени бир йилдан кейин озод қилсалар, нима қиласан?” деган савол тушимда аниқ менга аён бўлган эди.
Ибодат қилар эканман, фикр юритиб, шундай дедим: “Эй Худойим! 13 йил бўлдики, уйимда эмасман, яна 7 йил муддатни ўташим керак. Аммо шунга қарамай, биринчи навбатда Сен билан аҳд тузмоқчиман, сувда имон келтириб, уйга жамоат аъзоси бўлиб борай, токи қариндош–уруғларимга, яқинларимга Сен мени қандай сақлаганингни, қутқарганингни ваъз қилай”. Дастлабки пайтларда шу фикрлар оғушида қолдим, аммо юрагимда аллақандай нотинч, яхши режалар тузардим. Ўзгаришга бирон ишора йўқ, ўткир хотирам ўтмаслашиб қолган, ҳамма нарса тўғрисида унутиб юбордим.
Безовта фикрлардан кейин анча вақт ўтиб кетди (мен учун бир йил узоқ чўзилди). Кечаси иккинчи қаватдаги кроватда ухлаб ётганимда, навбатчи оёғимга туртди.
–Тур ўрнингдан, тез бўл! Этапга!
–Қанақа этап?! Ҳамма ухлаб ётибди–ку! – дедим мен тушунмай.
–Тез бўл, дедим сенга! Воркутадаги этапга!
–У ерда менинг нима керагим бор экан?
–Сени судга чақиряптилар.
–Мен ҳеч қандай жиноят қилмадим–ку! Қанақа суд? – баттар хавотирландим.
–Бўл тез, кўп гапирма…
Мен сакраб ўрнимдан турдим–да, зудлик билан нарсаларимни йиғиштириб, навбатчи хонага келдим. Ҳақиқатан ҳам мени соқчи назорати остида Воркутага жўнатдилар. Шу пайтга одамнинг хаёлига нималар келмайди, дейсиз?! Яна қўшиб беришармикан? Ишда менинг айбим билан жиддий авария юз бердимикан? Биронтаси иғво қилдимикан? Ва ҳ. ва ҳ. Ҳар хил тахминлардан юрагим така–пука бўлиб бордим. Аммо эшитганларим тамомила бошқа бўлиб чиқди: “Жиноят состави йўқлиги ва ишга виждонан ёндашгани сабабли қолган жазо муддати бекор қилинсин”.
Бутунлай довдираб қолдим: қандай қилиб?! Оддий маҳбусларни Сталиннинг ўлимидан кейиноқ озод қилдилар, мен эса сургундаман, ўталмаган узоқ муддат олдинда турибди. Нима учун фақат мени судга чақириб, озод қилдилар экан? “Эй Худойим! Мен ҳеч кимга шикоят қилмадим, – деб ичимда ибодат қилдим. – Абадий нажотга эришганимдан умримнинг охиригача хурсандман. Энди эса ҳаётимнинг қолган қисмини қамоқда ўтказишга ва Сен ҳақингда гапириб беришга тайёрман. Чунки инсоният дўзахда туганмас азоб–уқубатлар тортиши ўрнига, Сен Ўз шуҳратинг билан нажот ва абадий ҳаёт ато этяпсан”.
Воқеалар кутилмаганда ўзгариб кетса бўладими! Ҳақиқатан, Худо учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ!
Озод бўлганим тўғрисидаги ҳужжатларни олганимдан кейин, бир йил олдинги воқеани эсладим: ўшанда менга шундай овоз келган эди: “Бир йилдан кейин сени озодликка чиқарсалар нима қиласан?” Ана шу воқеа 1954 йил охирида юз берди – мени озод қилдилар!
Худо олдиндан белгилаган воқеа юз берди! Худо менинг қуръамни ушлаб турибди, деган фикр қалбимда илиқлик пайдо қилди.
Лагерда бўлганимда, бир биродаримиз орқали Воркутадаги имонлилар билан алоқа ўрнатган эдик. Ўша биродаримиз зонадан ташқарига соқчисиз ишга чиқар эди. Бу биродаримиз Малега деган биродар билан танишиб қолган экан. Малега бу жойга Худога ишончи учун сургун қилинган, ҳозирда Халмерда темир йўл станцияси бошлиғи бўлиб ишлар экан.У Григорий Иванович Ковтун деган биродар билан бирга Воркута жамоатига асос солган эди. Биродар Малега биз ҳақимизда Воркутадаги имонлиларга ҳикоя қилиб берган экан. Мен Малегадан Воркутада оиласи билан бирга яшаётган Ковтун биродаримизнинг адресини олдим. Озод бўлган кунимоқ унинг уйида бўлдим. Унинг хотини мени самимий қабул қилди ва “Сен ҳақингда эшитган эдик, азиз биродар”, деди.
Мана, мен биринчи марта масиҳийларнинг Худога хизматида иштирок этяпман. Ҳаммаси, мутлақо ҳаммаси янги, ғалати, ҳаяжонли. Худо халқининг Воркутадаги йиғинига қандай завқли кузатувчи келиб қўшилди–я! Масиҳ туфайли гуноҳлардан фориғ бўлган жонли жамоатнинг 60 аъзоси бор эди. Ҳаммаси бир оиладай яшарди! Улар мен тўғримда фақат эшитганлар, холос, уларга тамомила бир бегона одам бўлсам ҳам, худди туғишганлардай қабул қилдилар! Бундан мен ҳам ҳайратланардим, ҳам кўзларимга ёш келарди. Бу ерда Масиҳ Жамоати нима эканини тушундим, Исо Масиҳ Қони бўйича муқаддас қондош оиланинг биродарлари ва сингиллари қандай бўлишини билдим, улар Самовий Отанинг болаларидир! Бу қондошлик абадийдир! Бу қондошликни ҳеч ким тортиб олишга қодир эмас! Чунки бу қалбнинг руҳий бирлигидир!
Биринчи йиғилиш давомида мен йиғлаб ўтирдим…Худо ер юзидаги такрорланмас шодликни инъом қилди! Биродарларим билан суҳбатлашар эканман, уларга Худога ваъда берганимдай, сувда имон келтириш истагим борлигини айтдим, токи туғишганларимга ва қариндошларимга нажот тўғрисида гувоҳлик берай. Аммо ўша пайтда жамоатда қўл қўядиган руҳоний йўқ экан. “Қиш бўлса ҳам, мен сувда чўмиб имон келтиришга розиман”.
Яшаш учун бир хонадон топдим, Воркутадаги ўша механика заводида ишлай бошладим. Энди озод ишчи бўлиб.
Воркута жамоати Худога ибодат қилгани яширин равишда уйларда йиғилишарди. Маҳбусликда Муқаддас Ёзувни ўрганиш жараёнида Худо ҳақидаги, Худо олдида юришим тўғрисидаги тушунчаларим билан биродарлар йиғинида ва улар билан суҳбатларда эшитганларим мос келарди. Мен фақат Худо очган Илоҳий йўлнинг тўғрилигига янада қаттиқроқ ишона бошладим. Яна шунга хурсанд бўлардимки, Муқаддас Руҳ Муқаддас Ёзув устидан назорат қиляпти, унинг Худо томонидан ҳар бир самимий қалбга солинган, Худонинг Каломини эъзозлайдиган ва Унинг амрларига сўзсиз итоат этишга тайёр ҳар бир масиҳийга чинакам мазмунини очиб беряпти. Яна шуни тушундимки, Худо Руҳи гуноҳи ювилганлар қалбида турлича – бирини иккинчисига даъват қилиб, бошқасини тескари томонга даъват қилмас экан.
Воркута жамоатидаги биродарлар ва сингиллар фақат йиғилишларимизда Худони шарафлашдагина эмас, балки Воркута аҳолисига гуноҳлари туфайли ҳалок бўлаётганларга Худо ҳақида астойдил гувоҳлик беришда ҳам якдил эдилар. Ҳаёт йўлини чинакам излаганлар ва гуноҳ оғирлиги остида ҳориб–толганлар йиғинларимизга келишарди, Худога юз буриб, нажот шодлигидан олишарди. Афсуски, бундай одамлар ҳали ҳам оз эди.
Воркута лагерларида масиҳий маҳбуслар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаётган эдилар. Шулардан бири менинг қалбимга азиз бўлган биродарим Николай Георгиевич Батурин эди. Мен озод бўлганимдан кейин, у ҳам соқчи назоратидан холи бўлди ва йиғинимизга келадиган бўлди. Кечқурунлари суҳбатлашишга у қола олмасди, чунки у зонага белгиланган вақтда бориши керак эди. Кейин мен ҳам у билан хат ёзишиб турбим – унинг мактублари, руҳий тафаккури менинг қалбимда ёқимли таассурот қолдирган эди. У итоаткорлиги, Худога содиқлиги билан мен учун ниҳоятда азиз ва қадрли эди.
Шимолнинг баҳори шиддат билан келди. Қуёш қорларни эритиб юборди. Қор–муз сувларининг кучли оқими Воркута дарёсига интиларди. Дарё суви ҳар йилгидан кўра кўтарилди, музлар эриб, дарё одатдагидан ташқари олдинроқ муздан тозаланди. Менинг қалбим эса: “Эй Худойим! Мен Сен билан қачон содиқлик аҳдини тузаман?” деган хурсандчиликни кутар эди. Яна бир “Қўл қўядиган Худо хизматкори ҳибсдан озод бўлибди” деган хабар яшиндай тарқалди. Мен сувда имонга киритувчини интизор бўлиб кутаётганимни бутун жамоат биларди. Жамоат аъзолари йиғилиши тайинланди, мен эса синов учун жамоат олдида турдим. Менга кўпроқ савол беринглар деб илтимос қилдим: “Мен қаердан келиб чиққанимни, ким менга устозлик қилганини сизлар биласизлар. Кўпинча рўза тутиб, ибодат қилиб, Муқаддас Китобнинг жамики ҳақиқатини ўзим билиб олдим. Менга айтинглар–чи, Хушхабар ҳақиқатини мен тўғри тушуняпманми?” Менинг жавобларим ҳеч кимни хавотирга солмади, йиғилганлар мени жамоат аъзолигига бир овоздан қабул қилдилар. Мени сувга ботириб имонга киритганларида, дарё қирғоғида ҳали ҳам қор бор эди.Масиҳ Жамоати аъзоси бўлганимдан бениҳоя шод эдим, шу боис ҳам сув менга иссиқроқ туюлди. Худога берган ваъдамни адо этиб, 1955 йили Худо халқининг муқаддас оиласи аъзосига қўшилдим. Худога садоқатли қалб билан хизмат қилишга ваъда бердим. Шундан сўнг мен юртимга кетдим.
IV боб
Мен ҳаётимнинг 3 йилу 10 ойини концлагерларда, асирликда ўтказдим. Сўнгра Воркута лагерларида 8 йилу 9 ой бўлдим. Ниҳоят, озод бўлиб, Воркута шаҳрида имонга кириб, узоқ йиллик айрилиқдан кейин она юртимга – Вознесенск шаҳрига йўл олдим. Бу ерда синглим яшарди. Халмер–Ю лагерида бўлганимда, синглим билан хат ёзишиб турган эдим. Ўшанда ундан, шаҳарда Инжил масиҳийлари бормикан, қидириб кўр–чи, деб илтимос қилган эдим.
Синглим менинг илтимосимни бажарди – имонлиларни топди, Вознесенск шаҳридаги ёшларнинг, жамоат оқсоқолининг адресини юборди. Худонинг халқи билан ёзма мулоқот қилганимдан ниҳоятда хурсанд бўлдим! Улар руҳий ўгитлари билан менга тасалли бериб, Худога ишончимни мустаҳкамладилар.
Ниҳоят, Вознесенск жамоатида унутилмас, шодиёна учрашув! Раббийни севиб, ёшлар билан тезда бирлашиб кетдик, чунки биз руҳан туғишганлар эдик–да! Мактабда ўқиб юрган пайтларимдан мусиқа асбоблари чалардим. Биз гитара, мандолина, балалайка сотиб олдик, биринчи марта йиғинда Худога ҳамду сано мусиқа асбоблари жўрлигида жаранглади. Бутун жамоатнинг, айниқса ёшларнинг қалби улуғ шодликка тўлди!
* *
Уюшган жамоатни ва янги масиҳий дўстларимни тарк этишни истамасдим, лекин мен Шимолдаги ишим билан ҳисоб–китоб қилмаган эдим, шунинг учун вақтинча айрилишимга тўғри келди. Мутахассис бўлганим учун озод бўлганимдан кейин бошлиқ мени қўйиб юборишни истамаган эди. Мен эса Воркутага қайтиб келдим.
“Шу ерда қолавер! Қаёққадир боришингдан нима наф бор?!” – деб бошлиқ мени кўндиришга уринди.
Ота–онамнинг вафотидан кейин улар яшаган уйда фақат мен рўйхатда турганим ҳақидаги справкани кўрсатишимга тўғри келди, шунинг учун меросхўрлик ҳуқуқи фақат менда бор эди (синглим билан укам ўзларининг улушидан воз кечган эдилар).
Бошлиқ менинг охирги далилимни эшитди. Аммо ўзининг далили мени тўхтатишига умид қилиб деди: “Николай, кейин аттанг қиласан! У ердагидан кўра, бизда эркинроқ…”.
Бошлиқ нимага ишора қилаётганини мен тушундим: Шимолда Хавфсизлик комитети, Украина ва Россиянинг марказий қисмларига қараганда, унча жиддий эмас эди. Унинг огоҳлантиришлари мени ваҳимага солмади, севикли Худога умид қилиб, ишдан бўшадим ва уйга кетдим.
***
Ҳаётимда Худонинг кўп мўъжизаларини кўрдим. Вознесенскка мен келган дастлабки йилларда бир воқеа ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Репетициядан кейин одатда мен охири бўлиб кетардим. Бир кун кечаси соат бирда уйга келдим. Энди ухлаган эканман, кимдир эшикни тақиллатди, шунчалик кучли тақиллатардики, ойналар зириллаб кетди. Сакраб ўрнимдан турдим – уй ёп–ёруғ эди! Ёруғлик кўчадан келарди! Югуриб эшикка келдим – синглим эшикни тақиллатиб, бақирди: “Коля, ёрдам бер! Уйим ёняпти!”
Синглимнинг уйи кўчанинг нариги томонида, уйни уйи ёнбошида пичан ғарами бор эди. Мен ибодат қилдиму сув тўла челакни олиб югуриб кетдим. Ёнаётган уй синглимники эмас, қўшниники экан. Уйларнинг томи қўғадан қилинган эди. Қўға осонликча алангланиб, юқорига ўрлар, шабада эса анча нарига олиб бориб ташларди. Пичан ғарами ва синглимнинг уйи томида аланга кўриниб турарди.Агар тезлик билан сув сепилмаса, уй ёниб кетиши муқаррар. Синглимнинг эри челак билан ғарам устида турар ва оловни ўчириб борарди. Мен эса томни ўчиришга киришдим. Челакдаги чув тезда тугар, тутаб, алангаланаётган ёзги ўт–ўлан дарров ёниб кетарди.Қарасам, пастда уйнинг ёнида бута ёняпти.
Челакда сув ташиб уйни қутқариб бўлмаслигини тушундим. Осмонга қарадим – биронта булут йўқ! Тунги юлдузлар нур сочиб турибди. Бунинг устига, майин шамол ёмғирдан асло дарак бермасди. Мен ишонч билан: “Эй Худойим! Ўзинг ҳаммасини кўриб турибсан, ёрдам бер! Ҳаммасига Сен қодирсан!” деб ибодат қилдим. Челакдаги сув дарров тамом бўларди. “Сув узатинглар!” деб бақираман. Яна титраб осмонга қарадим – қаёқдандир қалин булут пайдо бўлди–да, ёмғир томчилай бошлади. Ёмғир аста–секин кучайиб, атрофни сувга тўйдирди. Аланга ўчди, ёмғир ҳам тўхтади. Мен ички ҳаяжон билан кўрсатган мўъжизаси, меҳр–шафқати, ибодатимни эшитгани учун Худога “Эй Худойим! Мен ким бўлибманки, ибодатимга жавоб берасан?” деб шукрона айтдим. Ўт ўчириш машинаси келиб, қўшнининг уйини охиригача ўчирди. Ёнғин бошланганда, қариндош–уруғлар ҳар эҳтимолга қарши қимматли буюмларни шоша–пиша олиб чиққан эдилар. Энди ўша буюмларни ичкарига олиб кира бошладилар. Мен эса уйга кетдим. Ётдим, аммо ухлай олмадим.
Ички бир овоз менга даъват қилди: “Бор, Худо мўъжиза кўрсатди: ёмғир юборди, деб гувоҳлик бер!” Мен итоаткор бўлиб, синглимникига келдим. Улар стол атрофида ўтириб, ёнғин бизнинг уйимизга ўтмади–я, деб хурсанд бўлиб ўтирган эканлар. “Сизлар Худога шукрона айтинглар! Сизларга ёмғирни Худо юборди! Агар У юбормаганда, ҳозир сизлар култепада ўтирардингизлар”, деб, Худо қандай қилиб менинг ибодатимга жавоб берганини айтиб бердим.
“Э–э, мана нима бўлган экан–а! Биз ҳеч охирига етолмадик: қандай қилиб бирдан кўм–кўк осмон ўртасида булут пайдо бўлдию ёмғир ёғди деб”.
Афсуски, улар Худонинг марҳаматини тезда эсдан чиқариб юбордилар. Фақат кейинроқ – синглим Худога яқинлашгандан кейин, у ўшавоқеани тез–тез эслаб турди, Худо Ўз болаларининг ибодатини қандай қилиб эшитишига ҳайрон бўларди.
***
Бир куни укамникига бордим. У Кривой Рогда ишхонасидан берилган кўп қаватли уйларнинг бирида яшарди.
“Леня, биз ака–укамиз, нимага бир ўзинг сарсон бўлиб бу ерларда юрибсан?! Меникига кўчиб боргин, уйни ремонт қиламиз, бирга яшайверамиз”, деб таклиф қилдим.
Укам рози бўлди, кўчиб келди. Гарчи у имонга келмаган бўлса ҳам, биз жуда аҳил яшардик.
Вознесенск жанубда жойлашган шаҳар бўлиб, Қора денгиздан узоқ эмас эди. Воркута жамоатидаги дўстларим ёз пайтлари бизникига оилалари билан келиб, дам олардилар. Укам икковимиз уларни уйимизда хурсандчилик билан қабул қилардик. Уларнинг ташрифи жамоатдаги биродарлар учун дадиллик бахш этарди, улар имонда мустаҳкамланишларида катта рол ўйнарди. Ёшлар улар билан бирга қишлоқлар бўйлаб хушхабарни ёярдилар.
* * *
Мен кончилик асбоб–ускуналари бўйича слесар ва 6 тоифали сантехник эди. Етук мутахассис бўлсам ҳам, ишга жойлашувда қийинчиликларга дуч келавердим. Шаҳарда, албатта, шахта йўқ, сантехник ҳамма жойда керак. Қаерга бормайин, мен тўғримда ҳали суриштириб билгунларигача: “Уч кундан кейин ишга киришасиз!”деб ҳужжатларимни қабул қилардилар. Айтилган кун келаман – яна кўнгилсизлик: “Кечирасиз, бошлиғимиз бошқа одамни ишга олган экан…” Бир имонли биродарим менга маслаҳат берди: “Николай, сени ҳеч қаерга ишга олишмайди. Этикдўзга шогирд бўл, чўнтагингда тирикчилигингга яраша пулинг бўлади”.
Мен маслаҳатга амал қилдим. Аммо этикдўзнинг шогирдига ойига 15 рубль маош тўланарди, ундан яна боласизлик солиғи ҳам ушланарди.
1956 йили уйланишга қарор қилдим. Қайлиғим Раббийдаги сингил Валяга, Раббий учун яна 10 йил тортадиган азобим олдинда турибди, деб айтдим. “Оила қуришимиздан олдин бу ҳақда билишинг керак, шуни ҳисобга олиб, қарор қабул қилишинг лозим. Балки, буниси Масиҳ учун азобларимнинг бошланишидир. Аммо мени яна 10 йилга ҳукм қилишларини Раббийнинг Ўзи аён қилди. Сен ана шундай беҳаловат ҳаёт кечиришга розимисан?”
“Сизга нима бўлса, мен ҳам сиз билан биргаман! Ҳамма нарса – Худонинг қўлида”, – деган жавобни эшитдим.
Раббий бизни бир умрга бирлаштирди, бизга ягона қалб, Масиҳ ортидан эргашиш учун ягона тор йўлни инъом қилди.
(Воқеалардан олдин айтиб қўя қолай: ўн икки йилдан кейин – оиламизда 8 фарзанд туғилган пайтда мен жамоат хизматчиси сифатида 10 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. Бу ҳақда Раббий менга Воркутада аён қилган эди).
Оила катталашиб бораверди. Оилани боқиш учун ойига 15 рубл ҳеч нарса бўлмасди. Пойафзал тикиб бозорда сотишга қарор қилдим. Бу пайтга келиб мен уста бўлиб қолган эдим. Аммо меҳнатим маҳсулини сотишга милиция имкон бермасди. Уларга ҳам пул беришим керак эди.
Ўзимга биронта мос жойни излаб, ремонт– қурилиш бригадасида ғишт терувчи, сувоқчи бўлиб қўшимча даромад ишлардим. Орадан маълум вақт ўтгач, шаҳар уй–жой бошқармасига сантехник керак экан, деган хабарни эшитиб қолдим. Кадрлар бўлимига кирдим. Аёл менга диққат билан разм солди. Маълум бўлдики, биз синфдош эканмиз. У мени таниди, мен ҳам уни эсладим. У менинг ҳужжатларимга дарров кўз югуртириб, бошлиқ олдига кириб кетди. Чамаси, мен ҳақимда яхши таассуротга эга бўлди. Бошлиқнинг олдидан чиқиб, ишонч билан: “Ишга чиқавер”, – деб айтди.
Мен дастлаб тўртта иссиқхонада хизмат кўрсатдим, кейин қолган бештасини ҳам менга кўшиб беришди. Ёзда ҳамма камчиликларни тўғриладим, кейинги йили қишда иссиқхона ишлари бўйича биронта ҳам шикоят тушмади.
***
1959 йили Вознесенск жамоатининг оқсоқоли кексайиб, кўзи ҳам кўрмай қолди. Унинг ўрнига бошқа одамнинг бошига қўл қўйдилар. У мени огоҳлантирди:
–Қишлоқлардаги имонлилардан хабар олиш ва Хушхабарни тарғиб қилиш учун ёшлар билан бошқа у томонларга чиқманглар, – деб эътироз билдириб бўлмайдиган тарзда қатъий таъқиқлади.
–Нимага? – деб шоша–пиша сўрадим.
–Райисполком таъқиқлаяпти. Сизлар ўз эътиқодингизни тарғиб қилаётган экансизлар, бу миш–мишлар уларнинг қулоғига етиб борипти.
–Улар гапираверадилар–да, биз муқаддас иш қилаётганимизни ўзингиз ҳам биласиз–ку. Биз қишлоққа оркестр билан боришга ваъда берганмиз.
–Сенга айтяпман: у томонларга бошқа бормайсан! – қатъий равишда гапирди оқсоқол.
–Ахир, бу хушхабарни таъқиқлаш–ку…
–Агар кечаси соат иккида КГБчилар сени ҳам, худди мен сингари, изоляторга олиб борганларида эди, сен бундай деб гапирмаган бўлардинг, – алам ва ожизликдан у сирни менга очиб қўйди.
–Биз Масиҳни ҳаммага эълон қилгани даъват этилганмиз, – деб унга далда беришга уриндим.
–Сен ёшсан, тушунмайсан, сизларнинг хушхабарингиз туфайли ибодат уйининг эшигига қулф осадилар.
–Агар масиҳийнинг қалбига қулф осса–чи…
–Ақллилик қилма. Билиб қўй: қишлоқларда хушхабар ёйганларинг учун ҳамма айбни сенинг бўйнингга юклашади.
Шу суҳбатдан кейин оқсоқол мени жамоат кенгашига таклиф қилди. Кенгаш таъсисчилари 20 кишидан иборат бўлиб, жамоат шу таъсисчилар сабабли рўйхатга олинган эди. Улар жамоатнинг эски аъзолари бўлиб, 2– йилларда Худонинг Каломи учун қамоқхоналарга ташланган, сургун қилинган эдилар.
Оқсоқолнинг далилларини улар эшитиб, сукутда қолдилар. Мен ҳам хижолат бўлдим: балки, ҳақиқатан ҳам Муқаддас Ёзувни нотўғри тушунарман? Жамоат атрофида юз берган мураккаб вазиятни англаб етмагандирман? Ёзувга қайта–қайта мурожаат этдим, ўзимни текширдим, Худонинг амрларини нотинч пайтларда ҳам, қулай фурсатда ҳам ижро этиш керак, деб руҳан дадиллашдим.
Шунга қарамай, барибир итоат этишга тўғри келди: ёшлар жамоатнинг хавфсизлиги учун қишлоқлар бўйлаб хушхабарни тарғиб этишни бас қилди. Юрагимиз азизлар билан мулоқот қилишни соғинарди, биз шаҳардаги қария биродар ва сингилларимизникида йиғилишадиган бўлдик. Кўп ўтмай, бу йиғилишларни таъқиқлашди.
Ёшлар тушкун аҳволга тушдилар, Худо йўлидаги ҳар қандай иш бостирилди. Менга ёшлар билан руҳий ишлар олиб бориш топширилди, аммо ҳар қандай энг майда олийжаноб ташаббус норозилик келтириб чиқарарди. Чинакамига тавба қилмоқчи бўлган ёш биродарлар ва сингиллар менинг олдимга келиб бошига тушганларини мен билан ўртоқлашарди: “Нима қилай: жамоатда сувда имонга киришга тайёрланаётган эдим, КГБчилар иш жойимга келиб, бу имонингдан воз кеч, деб тазйиқ ўтказмоқчи бўляптилар”. Имонлиларга тазйиқ ҳамма томондан бўларди, ҳокимият янги–янги чекловларни ўйлаб чиқарарди. Масалан, райисполком қавмбошилардан, имонга келмоқчи бўлганларнинг рўйхатини бересизлар, акс ҳолда жамоатхонани ёпамиз, деб талаб қўйдилар. Давлат Хавфсизлик Қўмитаси имонга келганлар фамилиясини билиб олардилар ва уларга тазйиқ ўтказардилар. Ёшларга эса имонга келишни умуман таъқиқлаб қўйдилар, кейин болаларга ва 18 ёшгача бўлган йигит–қизларга жамоатда Худога хизмат қилишда иштирок этишни таъқиқлаб қўйдилар. Мен бундай қарорлар билан рози бўла олмасдим, ўн йиллар давомида, ҳатто кексайиб қолгунча Худонинг Каломи учун азоб чеккан имонли биродарларимни тез–тез эслардим. Мен рўза тутиб, ибодат қилишга ва Худодан шундай дея сўрашга қарор қилдим: Жамоат учун бундай зулмат замонида хизматни қандай олиб бориш керак? Мен бутун қалбимдан Худога илтижо қилдим, ўзимнинг ҳолатимни текшириб кўрдим, Худога, хоҳиш–иродангни намоён қил, деб илтижо этдим.
Бир куни, тез орада “Жамоатлар ҳақида янги низом” чиқади, деган хабарни ўқиб қолдим. Ўша низом ҳаммага ҳам маъқул бўлмаслиги табиий эди. Аммо барибир, низом халққа эълон қилинади, ҳар бир жамоат уни қабул қилади, шу ҳужжатга биноан хизматни олиб боради. Шуни тушундимки, жамоатларнинг ҳаётига қандайдир хавфли нарсани татбиқ қилмоқчилар. Ҳужжатнинг матнини ўқишга муваффақ бўлганимда ҳаммаси ойдинлашди: ҳукумат жамоатни чекинишга олиб боряпти.
Вужудим қайғуга ботди. Бу ҳақда имонлиларга айтдим, аммо ҳеч ким бунга алоҳида эътибор бермаяпти. Хизматчи билан тун бўйи суҳбатлашдим, у менга тасалли бериб, бир гапни айтди: “Вақтнинг қадрига ет. Шунисига ҳам шукр қил, баттар бўлиши ҳам мумкин эди–ку…” Бундай маслаҳатлар мени хотиржам қила олмади: “Масиҳ айтган эди: – Болаларнинг Менинг олдимга келишига қаршилик қилманглар”. Аммо болаларни жамоатга қўймаяптилар–ку. Бу эса Муқаддас Ёзувга тамомила зид”, – дея мен ўз исботимни келтирдим.
***
Ўша йиллари мен Воркута жамоатидаги биродарларим билан хат ёзишиб турдим, албатта, бизнинг ўлкаларда Худонинг ишлари бориши тўғрисида хабар бериб турдим. “Коля, биз томонларга келгин, сени соғиндик” , деб хат ёзди улар.
Хотиним қаршилик билдирмади: “Боринг, бир оз бўлса ҳам ҳамма ташвишлардан бир оз холи бўласиз. Болаларни ўзим эплайман”. Ўшанда тўртинчи фарзандимиз туғилган эди.
Дўстларимиз билан учрашув ҳаммамизга шодлик бахш этди. Жамоатимизнинг руҳий ҳаётидаги мураккаб вазият тўғрисида батафсил ҳикоя қилиб бердим. Улар учун бу янгилик эмас эди. “Биродарларимиз бошқа жамоатларда бўлдилар – бутун мамлакат бўйлаб қандайдир тушунарсиз бир нарса қилиняпти”, дея хўрсиниб ташвишландилар воркуталиклар. Айнан нима юз беряпти – тушуна олмасдилар, менга қандай маслаҳат беришни ҳам билмасдилар.
Воркута жамоати учун масъул биродар менга И.В.Каргелнинг “Келгуси бахт–саодат соясидан нур” китобини таклиф қилди. Бир неча бобини ўқиб шунчалик берилиб кетибманки, китобдан ажрала олмай қолдим. Мен қанчалик ҳаракат қилмай, ҳаммасини эсда сақлаб қолиш мумкин эмас, китобда баён қилинган ҳақиқатлар эса фақат мен учун муҳим эмас. Уйга қайтиб келганимдан сўнг, бу ҳақиқатни жамоатимдаги Худо халқига етказишни истадим, бир биродаримдан китобни кўчириб олишга рухсат сўрадим. Учта катта умумий катак дафтар сотиб олиб, кечаю кундуз майда ҳарфлар билан ёзиб чиқдим. На егим, на бирон нарса ичгим келарди. Гарчи мен моҳир қаламкаш бўлмасам ҳам, қўлим чарчамасди. Йўлга вақтим кетмасин деб, навбатдаги йиғин ўтган учда кечаси қолдим. Тун бўйи ёздим.
Бир ой давомида 90 саҳифалик учта дафтарни тўлдирдим. Қўлимда энди қимматли китоб турарди. Бахтиёрлигимнинг чеки йўқ эди. Биродарим менинг ташналигимни кўриб шу муаллифнинг бошқа китобини келтириб берди. “Ваҳийга изоҳ” китоби экан. “Ўқиганмисан?” деб сўради ҳалиги биродарим. “Йўқ”– деб жавоб бердим. Китобда баён қилинган фикрлар орқали Худо менга шу нарсани аён қилдики, Инжил ҳақиқатидан чекиниш – гуноҳ. Мен тўғри йўлда турганимни англадим ва бундан ўзим дадиллашдим.
***
Мен қайтишда Москва орқали кетдим, Загорскдаги холамникига кириб ўтмоқчи эдим. Поезд бу станцияда тўхтамас экан. Энди Загорсккача электричкада боришимга тўғри келади, анча вақтимни йўқотар эканман–да, деб хафа бўлдим. “Худойим, ёрдам бер! Сен учун ҳамма нарса мумкин–ку!” - деб ибодат қилдим.
Поезд станциядан ўтиб, шаҳар бўйлаб юрди. Бирдан тормоз бериб, тўхтаб қолса бўладими! Дарров нарсаларимни йиғиштириб, проводникдан, вагон эшигини очиб беринг, деб илтимос қилдим. У дарров эшикни очди. Қиш бўлган учун қор уюми устига сакрадим. Шунда поезднинг тўхтагани сабабини билдим: рельсга туташиб кетган қор уюми ёнбағрига бир маст одам сирғалиб суяниб қолган, бехатар жойга ўтиш учун ўрмалаб чиқа олмасди. Шундай қилиб, Худо менинг ибодатимга жавоб берди! Мен ниҳоятда миннатдор бўлиб, Худонинг бу меҳрибонлигидан худди болалардай хурсанд бўлдим.
Имонлиларнинг бирга йиғилиши тобора қийинлашиб бораверди. Болаларни йиғинда иштирок этишларига рухсат йўқ эди. Менинг уйимда йиғилишни бошлашимизга тўғри келди, бундан имонлилар, айниқса кўп болали ота–оналар, ниҳоят, болалар ҳам Худонинг каломини эшитадиган бўлдилар, деб жуда хурсанд эдилар. Ҳокимият имонлиларнинг эҳтиёжларига эътибор бериш у ёқда турсин, доимо уларнинг ҳуқуқуларини бузиб келдилар. Одессада имонлиларнинг ибодат уйини тортиб олдилар, Одессадаги хизматчи Николай Павлович Шевченко ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, ҳеч нарсага эриша олмадилар.
***
Яшаш шароитимда ўзгаришлар юз берди: ўша пайтда тиқилишиб яшаётган ертўламиз насликдан, эскилигидан қулаб тушди. Ундан тупроқ уюми қолди, холос. Худога шукр, болаларни босиб қолмади. Хотиним фақат Муқаддас Китобни олиб чиқишга улгурди. Мебелларимиз тупрок остида синиб кетди. Болаларимизни вақтинча қўшниникига жойлаштирдик, эр–хотин иккаламиз бутун қолган уйнинг йўлагига жойлашдик.
Уй сотиб олишга маблағимиз умуман йўқ эди. Озгина маошим оилани боқишга аранг етарди. Худо бизни ташлаб қўймади. Бу тўғрида ишхонамдагиларга айтганимда, менга маслаҳат бердилар: Шаҳар совети қошидаги БТИдан уй қуриш учун лойиҳа ол”. Ўша лойиҳани олдим, шу лойиҳага биноан мени рўйхатдан ўтказдилар.
Аммо қайси маблағ ҳисобига, нимадан қуришим керак? Худо Ўз мўъжизаси билан яна менга ёрдамга келди. Ишхонамизда бизга ходалар, бузилган Баракларнинг тахталарини ўтин учун берарди. Уларни одатда арралаб юклашарди. Мен бутун беришларини илтимос қилдим. Шундай қилиб, керакли қурилиш материалларини йиғиб олдим.
Жамоатимиз жуда иноқ эди. Катта ишларда бир–биримизга ёрдам берардик. Қурилишни бошлаганимда, Худо, ҳаммасини ўзинг қиласан, деб юрагимга солди. Фақат укам билан тоғам ёрдам берди. Имонли биродарларим аввалига: “Нимага бизнинг ёрдамимизни менсимаяпсан?” деб хафа бўлдилар. Аммо кейинроқ шундай қилиш керак бўлганини тушуниб етдилар (Кейинроқ судда мендан: “Уй қуришингга ким ёрдам берди?” деб қаттиқ сўрадилар. Имонлилар ёрдам бермаганини далиллаш учун гувоҳликка қўшниларимни ва туғишган укамни олишимга тўғри келди. Ғанимлар, чамаси, имонлиларнинг ёрдам берганига баҳона топмоқчи ва шу билан уйимни мусодара қилиб, катта оиламни бошпанасиз қолдиришни ният қилган эдилар. Аммо Худойим бу тўғрида олдиндан ғамхўрлик қилди ва уйни ўзим қуришга даъват этди.)
Худонинг ёрдами билан уйни ўзим қурдим. Кўп стул сотиб олдик, болалар учун кичик стулчалар ясадим. Биринчи қилган ишим – бизникида Худога хизмат йиғинини ўтказишга таклиф қилишим бўлди. Уйимиз кенг, шинам бўлди. Бутун жамоат билан бирга биз Худога шукр қилиб, ҳамду сано айтдик.
1У боб
1961 йили Худо Ўз халқини уйғотди ва бу йўлда мамлакатда катта иш бошланди. Вознесенскдаги имонлилар гуруҳи Худонинг даъватига хурсандчилик билан жавоб бердилар ва чин юракдан таъқиб қилинаётган биродарликка, унинг азоб–уқубатларига ва машаққатларига шерик бўлдилар. Инсоният қалбининг душмани ҳамма фаол масиҳийларга шафқатсиз ғазаб билан юриш бошлади. Мен биродарлардан бири билан учрашиб қолдим, у ғайратли ишчи эди. Биз адресларимизни бир–биримизга бердик. 1962 йили уни қамадилар. Чунки тинтув пайтида унинг уйидан менинг хатимни топиб олибдилар. Энди эса Николаев шаҳри Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг бошлиғи, Вознесенск шаҳри прокурори ўринбосари бир қанча милиция ходимларини бошлаб менинг уйимга келибдилар.
–Эринг уйга тушликка келадими? – деб сўрабди таклиф қилинмаган меҳмонлар хотинимдан.
–Йўқ.
–Нимага?
–Йўл узоқ.
Давлат хавфсизлик Қўмитаси раиси милиция ходимларига команда берибди, мени ишдан чақириб, “бобик” машинага ўтказдилар ва ҳеч нарса бўлмагандай, кичик эшикдан чиқардилар.
–Нимага, эрим тушликка келмайди, деб ёлғон гапирдинг? – деб масхаратомуз таъна қилди у хотинимга.
–Ўзларингиз олиб келдингизлар, шунинг учун келди, – деб хотиржам жавоб берди хотиним, гарчи унинг кўриниши хавотирли бўлса ҳам.
–Тинтув қилинглар! – деб буйруқ берди Хавфсизлик қўмитаси раиси ўз ходимларига.
–Сизларда прокурорнинг рухсати борми? – деб уларни тўхтатишга уриндим.
–Прокурор ўринбосари биз билан бирга, шунинг ўзи кифоя;
–Ҳатто прокурорнинг ўзи бўлса ҳам, расмий рухсатнома керак.
–Гувоҳларни олиб келинглар! – норозилигимга эътибор бермай буйруқ берди Қўмита бошлиғи. Кейин мен билан хотинимга буюрди: – Сизлар болаларнинг қўлларидан ушлаб олинглар!
Биз болаларни ёнимиздаги кроватга ўтқаздик. Бошлиқ стулга ўтириб, чўнтагидан сигарет чиқарди ва намойишкорона тутатди.
–Илтимос қиламан, менинг уйимда чекманг…
–Мен иш жойимдаман, шунинг учун истаганимни қилишга ҳаққим бор!
–Кабинетингизда мумкин, менинг уйимда эса ҳаққингиз йўқ, бунинг устига, ёш болалар бор жойда!
–Менга мумкин.
Милиционер гувоҳларни – қўшниларимизни олиб келди.
–Столнинг нариги томонига ўтиринглар! – деб бошлиқ мени чақирди.
Мен ўтирдим. У ёза бошлади. Кейин сигаретни чуқур тортди–да, ёввойиларча ҳузур билан юзимга тутунни пуфлади.
–Бировнинг уйида ўзингизни шундай тутишдан уялишингиз керак. Сиз олий маълумотлисиз. Нимага ўзингизни бунчалик пастга урасиз?!
–Сен билан ҳали гаплашаман! – деб дўқ урди у менга. – Тинтувни бошланглар! – деб қўл остидагиларни шошилтирди.
–Рухсатсиз тинтув қила олмайсиз! – деб мен яна эътироз билдирдим. –Гувоҳларни ноқонуний ишга тортманглар!
Улар ўзларининг ҳақлигига ва жазоланмасликларига ишонч билан уйимнинг ҳар бир ковагини ва чордоқни синчиклаб тинтув қилдилар. Печканинг ичларини, подвални қараб чиқдилар, ниманидир излаб кулни титиб кўрдилар. Қўлларидаги санчқи билан огородга ҳам суқиб кўрдилар. И.В.Каргелнинг китобидан ўзим кўчирган барча диний китобларни, хатларни, шеърлар ва мадҳиялар ёзилган бир неча умумий дафтарларни, Воркутада Муқаддас Китобни ўқиганимда тузган конспектларимни ва ёзувларимни, суратларни – ҳаммасни тортиб олдилар. Тажрибасизлигим туфайли тинтувни кутмаган эдим, қимматли китобларимни яширишни ўйламаган эканман.
***
1962 йилнинг август ойида биродарлар орасига қайғули хабар тарқалди: Николаев шаҳридаги Давлат хавфсизлик қўмитасида Худонинг хизматкори Николай Самойлович Кучеренко сўроқ пайтида вафот этди. Бу тўғрида эшитганимдан кейин, Николаев шаҳар Хавфсизлик Қўмитасининг бошлиғи менинг уйимда ёвузларча ва сурбетларча тинтув қилганини кўрганимдан кейин ибодат қилиб ўзимни шундай қисматга топширдим, ичимда шундай қарорга келдим: Худога содиқ қолиб ўлганим афзал. Тахминларим бекорга эмасди. Уйимда тинтув ўтказганларидан кейин кўп ўтмай мени айнан Николаев Хавфсизлик қўмитасига олиб кетдилар. Эски бинонинг темир зинапояларидан бешинчи қаватга кўтарилдим. Қўмита терговчиси мени кабинетига олиб кирди ва ўзини яқин олгандай қилиб илтимос қилди:
–Бойко, бизга сизнинг таржимаи ҳолингиз керак. Вақтингиз бемалол, ўтиринг, ўзингизни хотиржам тутиб ёзаверинг.
У мени столга таклиф қилиб, олдимга бир варақ қоғоз ташлаб, ўзи чиқиб кетди.
Мен ёза бошладим, кейин ибодат қилдим, бир пайт ҳаёлимга ярқ этиб бир фикр келди: бу деворлар ортида фақат менинг эмас, балки ота–боболаримнинг таржимаи ҳолини ҳам биладилар.
–Хўш, ишлар қалай? – дея терговчи нима қилаётганимни билиш учун кириб келди.
–Бундай нарсаларни ёзишга кўникмаганман, қолаверса , нима учун буларни ёзишим кераклигини билмайман…
Бизга керак. Шошмасдан, хотирангизда бошингиздан ўтказганларингизнинг ҳаммасини ёзинг. Биз сизни шошилтирмаймиз, – деб яна чиқиб кетди.
Ёзаётган қоғозимни буклаб, майда–майда қилиб йиртиб ташладим–да, форточкадан ташлаб юбордим. Қоғозлар қорга ўхшаб учиб кетди. Ўзим ичимда ибодат қилдим. Кимдир зинапоядан югуриб келаётганини эшитиб турибман. Эшикни ҳарбий кийимдаги навбатчи очди. Кўрсаки, бир ўзим ўтирибман, яна югурганича пастга тушиб кетди.
Сукунат. Мен яна ибодат қилдим: “Худойим, майли, ўлиб кетай, аммо Сенга содиқ қолишимига менга ёрдам бер…”
Оҳиста қадамлар товуши эшитилди. Терговчи кирди.
–Ёздингизми?
–Ҳа, ёздим.
–Менга беринг–чи.
–Йиртиб, форточкадан ташлаб юбордим.
–Ёлғон гапирманг!
–Ана қаранг.
У қаради.
–Ҳеч нарса кўринмаяпти.
–Пастда йиғиштириб олишибди, шекилли.
–Сизни тинтув қилишимга тўғри келади.
–Марҳамат.
–Нимага йиртиб ташладингиз? – деб сўради у ҳеч нарса топмагандан кейин.
Биласизми, мени бу ерга чақирмасингиздан олдин, нафақат мен тўғримда, балки менинг узоқ қариндошларим тўғрисида ҳам билар эдингиз.
–Э–ҳа! Жуда ақлли бўлиб кетибсанми! – унинг юзлари ўзгарди. – Қани, юр–чи!
Биз учинчи қаватга тушиб, бир кабинетга кирдик. Бу ерда Хавфсизлик Қўмитасининг раиси ва бошқа терговчи ўтирган экан.
–Ўтиринг, Бойко.
Мени гапга солиш учун аввала майда–чуйда саволларни беришди: қандай оиладан бўлганим, қаерда ишлайман, қачон ва қандай қилиб имонга кирганим ва бошқа нарсалар тўғрисида саволлар беришди. Кейин бирдан кутилмаганда:
–Сиз ҳалиги …– биз адреслар алмашган ва қамалган биродарнинг фамиялиясини айтди, – шу одам билан қаерда танишгансиз?
–Имондош дўстларим ва эътиқодим ҳақидаги саволларга жавоб бермайман!
–Нимага?
–Менинг ички ҳаётимга аралашувга сизларнинг ҳаққингиз йўқ! – деб хотиржам, аммо қатъият билан жавоб бердим мен.
–Бойко, биламиз: сиз яхши мутахассиссиз, сизнинг суратингиз ҳурмат тахтасида….Нимага биз учун керакли ахборотни беришни истамайсиз? (Сўроқни Николаев шаҳрида олиб боришяпти, суратим эса Вознесенскда).
–Мен жавоб бердим.
–Ахир, сиз Совет тизимида тарбия топгансиз, комсомол ташкилоти секретари бўлгансиз, нимага бизга ёрдам беришни истамайсиз? Айтинг–чи, сиз Крючков билан учрашганмисиз? Одессада неча марта бўлгансиз?
–Бу саволларга жавоб бермайман!
–Ҳов, сен қаерда турганингни билмайсанми? – жаҳл билан гапирди бошқа терговчи.
–Биламан, Давлат Хавфсизлик Қўмитасида.
–Гап бундай, Бойко: бу ердан энди сени биронта Худо чиқара олмайди!
–Керак бўлса, Раббий бу ердан ҳам олиб чиқади.
–Сен оқ айиқлар ўлкасида жазо муддатини ўтаганингни биламиз. Энди эса сени "Ит топмас гадой билмас“га юборамиз!
–Ҳатто "Ит топмас гадой билмас“да ҳам Масиҳ Ўз қўйларини боқади.
–Қачонгача сен бизни қийнайсан?! – деб у столни муштлади.
–Сизлар учтасиз, мен эса биттаман, қандай қилиб сизларни азоблашим мумкин?!
–Қачонгача ўйин қиласан?! – деб ғазаб билан яна бир марта столни муштлади.
–Мен стулда жимгина ўтирибман–ку.
–Бойко! Биз сенга кўрсатиб қўямиз! – деб улар менга таҳдид қилишда давом этдилар.
–Айтинглар–чи, сизлар коммунистлармисизлар? – дуб сўрадим мен.
–Коммунистмиз, – деб қўрқинчли оҳанг билан жавоб беришди улар.
–ленин сизлар учун ким?
–Доҳий.
–Менинг доҳийим – Исо Масиҳ. У учун мен нафақат азоб чекишга, балки ўлимга ҳам тайёрман. Сизларни ҳеч ким таъқиб қилаётгани йў–ғу, доҳийингизнинг ҳамма қонунларини – Декретни, Конституцияни бузиб, оёқ ости қилдингизлар.
Кейин Декретнинг асосий тезисларини ёддан айтиб бердим. Сўнгра академик Струмилиннинг “Худо ва эркинлик” китобчасидан бир парчани ўқиб бердим. Бу китоб Москвада 1960 йилда чиққан.
.
–Буларни сизларнинг одамингиз ёзяпти.
–Бизда – демократия, – кибрли оҳанг билан гапирди терговчи.
–Ундай бўлса, нимага майдонга чиқиб, Худо йўқ, деб айтмайсизлар? Имонлилар ҳатто ўз болаларини ибодат уйига олиб келишларини таъқиқлаб қўйдингизлар? Львовдан Владивостоккача жамики дўконлар атеистик адабиётлар билан тўлиб кетган. Аммо биронтасида масиҳийлик газетасини ёки биронта масиҳийча адабиётни топиб бўлмайди! Нимага?
–Бизда – социалистик демократия, буни тушуниш керак…
–Ўзларингизга қулай ҳолда талқин қиляпсизлар.
Икки кун шундай суҳбатлар билан ўтди. Тушлик пайтида мени навбатчининг олдига олиб келишди. Ёнимда – ертўлага тушадиган подвал. “Биродар Кучеренкони шу ерга қийнашган бўлса керак” – деб тахмин қилдим ва ўзимни шундай қисматга тайёрлай бошладим.
Иккинчи куни кечқурун терговчи мени бешинчи қаватдаги хонасига олиб келди. Ўзи эса чиқиб кетди. Оз вақтдан кейин эркак ва аёл гувоҳларни олиб кирди.
–Мен сизларни кўчадан чақириб келдим. Мақсад шуки, сизлар гувоҳлар сифатида, мана бу одам бирон кўрсатма беришдан бош тортяпти, деган актга қўл қўясизлар.
Терговчи акт тузгунча, мен гувоҳлар билан гаплашиб турдим: “Мен Исо Масиҳга ишонаман, улар эса (мен терговчини кўрсатдим) қонун бўйича бунга ҳаққилари бўлмаса ҳам, менинг ички руҳий ҳаётимга аралашяптилар. Бунинг устига, дин давлатдан ажратилган бўлса…”
–Наҳотки сиздай ёш йигит ҳозирги замонда Худога ишонсангиз?! – ҳайрон бўлишди гувоҳлар.
Мен ўзим ҳақимда, Худога ишончим ҳақида ҳикоя қилишда давом этдим.
–Бас қил! – бақирди терговчи. – Давлат Хавфсизлик Қўмитаси деворлари ичида ваъз қилишни хоҳлаб қолган ўша сени…
–Нима учун кўрсатма беришдан бош тортганимнигина ёзинг. – деб илтимос қилдим терговчидан.
Гувоҳлар актга имзо чекиб, кетишди. Мени эса эртаси куни эрталаб озод қилишди.
–Йўлкирага пулинг борми? – кутилмаганда сўраб қолди терговчи.
–Йўқ.
–Мана кетишингга пул, мана справка – ишингда бошлиққа кўрсатасан. Бойко, мени Худо озод қилди, деб ўйламагин! Тўртта фарзандинг ҳаққи –ҳурмати, биз озод қилдик. Аммо буниси охирги учрашувимиз эмас. Сени кўздан қочирмаймиз энди…
Уйга қайтиб келсам, хотиним қайғуга ботган. Жамоатхонамизнинг бир хизматчиси уйга келиб хотинимга шундай дебди: “Тамом, Валя. Николай қайтиб келмайди…” Мени Хавфсизлик Қўмитаси одамлари олиб кетган куни у хизматчини ҳам шаҳар милиция бошқармасига чақиришибди. У билан қандай суҳбатлашганлар – менга қоронғу.
Хавфсизлик Қўмитасидаги суҳбатларимиз тўғрисида жамоатда батафсил айтиб бердим. “Энди қандай яшаймиз? – деб мендан сўрадилар. – йиғилаверамизми ёки йўқми?”
Худога хизмат йиғинларимизни тўхтатмадик. Жамоат ўсиб бораверди, болалар Худони шарафлашда давом этдилар. Кишлоқларга бориб хушхабарни ёйишда давом этдик. Фақат мен воиз эдим, холос.
Бизга таҳдид қилдилар, таъқиб этдилар, аммо Худога бўлган рашкимизни ҳеч ким ўчира олмади – ҳамма Масиҳга бўлган севги билан ёнарди. Мен ўзимни ўлимга ҳукм қилганимни жамоат биларди. “Агар азоб чекишимиз керак бўлса, азоб чекайлик, агар ўлишимиз керак бўлса, ўлайлик, фақат Худога содиқ қолсак бўлди!” Мен биродарларни ва сингилларни шунга ишонтирдим. Менинг самимий сўзларимга ва тайёрлигимга қараб, дадиллашди, умидсизликка тушмади. Жамоанинг руҳий ўсишига Одесса жамоатидаги хизматчиларнинг ташрифи ёрдам берди. Улар бизнинг жамоатда Раббий «Кечлик зиёфати» ни қилдилар.
Баъзан биз томонларга Одесса вилояти катта оқсоқол А.Г.Квашенко ташриф буюрарди. У жамоатдаги таъқиб қилинаётган биродарларни яқинлашиб келаётган хавф–хатардан огоҳлантирарди, бундан ташқари оддий “имонлилар” сафида айғоқчилар тўғрисида маълумот бор эди, улар чинакам имонлилар ортидан кузатиб, ҳукумат органларига хабар бериш учун қўйилган эдилар.
Ҳа, шундай бўлган эди. 1962 йилдан 1968 йилгача мен Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг қаттиқ кузатуви остида бўлган эдим. Уйим доим таъқиб остида бўлди. Бу ишга ҳатто қўшнилар ҳам жалб қилинган эди.
Мен шаҳар кенгаши биносида жойлашган уй бошқармасида ишлардим. Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг бир гуруҳ одамлари Николаев шаҳридан келиб, мени кузатиш мақсадида Шаҳар кенгашининг кабинетларидан бирида ишлаб, ўша ерда дам олишарди. Мен кўринишим билан улар мен билан суҳбатлашишга ҳаракат қилишарди. Чамаси, мени – собиқ атеист ва комсомол ходимини олдинги ҳолимга қайтариш учун, уларга атеист маърузачилар таклиф қилиш топширилган эди. Мен суҳбатлашган атеист маърузачиларнинг саноғи кўплигидан қанчалигини ҳам билмайман.
Раббий мени ўз ақл–идрокимга таянишга эмас, балки У билан доимо ибодатда бўлишимга ўргатди. Хаёлимда доимо Раббийга илтижо қилдим, тамомила Унинг Каломига таяндим: “Сизларни ҳукм қилиб қамашга олиб борганларида, нимани гапирсам экан, деб олдиндан хавотир олманглар. Аксинча, ўша лаҳзада сизга нима гап берилса, ўшани гапиринглар, чунки гапираётган сиз эмас, балки Муқаддас Руҳдир”
(Марк 13:11). Мени маърузага чақирадиларми ёки кабинетга суҳбатга олиб борадиларми – бораётганимда ҳам ибодат қиламан, ўтирганимда ҳам ибодат қиламан, суҳбат кетаётганда доимо Раббий билан суҳбатлашаман: “Худойим! Улар ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган мен билан эмас, балки Сен билан иш кўряптилар! Ўзингнинг улуғ исмингни шарафлашга имкон бергин!” Муқаддас Руҳ Ўзининг содиқ ваъдасига кўра, уларнинг шаккокларча далилларини беҳудага чиқарарди.
–Аҳволлар қалай, Бойко? – хушумомалалик билан мендан сўради маърузачи (у ёнимда турган эди).
–Худога шукр!
–Наҳотки сиз – Совет граждани, Совет мактабида ўқиб, қандайдир Худога ишонсангиз?!
–Нафақат ишонаман, балки Худо борлигига ишончим комил!
–Космонавтлар космосга кўтарилиб, ҳеч қандай Худони кўрмадилар!
–Бу мени ҳеч ҳам ҳайрон қолдирмайди.
–Нимага? Бутун олам тантана қиляпти.
–Сизлар ер остига чуқур киряпсизлар, фазога жуда баланд кўтариляпсизлар, кўйлагингиз остидаги қалбингизни эса билмайсизлар-у, аммо Худони кўрмоқчи бўляпсизлар.
–Агар Худо бўлганда эди, космонавтлар Уни кўрган бўлардилар.
–Айтинглар–чи, сизларда виждон борми?
–Бор, – дея жавоб беради улар.
–Идрок–чи?
–Идрок ҳам бор.
–Ундай бўлса, виждонингизни ва идрокингизни кўзимизга кўрсатинг. Кўрсата олмайсиз, ундай бўлса сизлар виждонсиз ва идроксизмисизлар?
Маърузачилар жимгина бир–бирларига қарадилар.
Дунёга машҳур хирург ҳам инсоннинг бутун танасини синчиклаб тадқиқ этиши мумкин, аммо севгининг, қўрқувнинг, ақл–идрокнинг, хотиранинг изларидан асар ҳам топа олмайди. Гап шундаки, инсон фақат моддий эмас, балки руҳий мавжудот ҳамдир, шунинг учун сизлар менга виждонни ҳам, идрокни ҳам кўрсата олмайсизлар. Азизларим, Худони ҳам сизлар жисмоний кўзларингиз билан кўра олмайсизлар. У моддий эмас. Муқаддас Китобда айтилганки: “Худо руҳдир, Унга сажда қилувчилар руҳ ва ҳақиқатда сажда қилишлари керак”.
Иккинчи коммунист суҳбат чоғида, кўрган нарсага ишониш керак, деб айтди.
–Сиз ўзингизни алдаяпсиз, – деб муҳтарам ўртоқни тўхтатдим. – Айтинг–чи, сиз Иван Горзнийни, Петр Биринчини кўрганмисиз?
–Йўқ, кўрмаганман.
–Бу одамлар қачонлардир яшаганига ишонасизми?
–Ишонаман, чунки тарих улар ҳақида ҳикоя қилади.
–Муқаддас Китобда Худо ҳақида аниқ, тушунарли қилиб гапирилади, шунинг учун биз Унинг борлигига ишонамиз. Умуман, инсон кўп нарсани ишонч билан қабул қилади. Чунки ўша нарсада руҳ бор.
–Ҳеч қандай руҳ йўқ! – деб эътироз билдирди коммунист.
Худо бизни шундай яратганки, биз бир пайтда гапириб, бир пайтда фикр юрита оламиз. Мен коммунистни қандай ишонтиришни билмасдим, фикран Худога илтижо қилдим, Худо менга ёрдам берди. Бизнинг рўпарамизда дераза ортида чиройли дарахт турибди.
–Марҳамат қилиб, айтинг–чи, анови дарахтнинг жони борми?
–Жонли, албатта.
–сиз билан мен ҳам жонлимиз, аммо биз билан дарахт ўртасида қандай фарқ бор?
Суҳбатдошим бир дақиқага ўйланиб қолди.
–Сиз билан менга мактабда ўргатишган оддий ҳақиқатни сизга эслатаман: инсон – жонли предмет, дарахт эса жонсиз. Демак, сизда ҳам, менда ҳам руҳ бор, руҳ ўлмасдир.
Жамиятда юксак мавқени эгаллаган бу одам, албатта, ана шу оддийгина ҳақиқатни билар эди, аммо инсоний руҳнинг душмани атеистик тарбия зўравонлиги билан одамларда оддий ва ишончли фикрлашни заҳарлаган эди.
* * *
Рўйхатга олинмаган Вознесенск жамоати таъқиб қилинаётган жамоатнинг бир қисми эди. Жамоатлар кенгаши улар ҳақида руҳий ғамхўрлик қиларди. Бизнинг ўлкаларда Жамоатлар кенгаши хизматчилари йиғилиши ва вилоят бўйича мулоқот бўлиб ўтарди. Мен Вознесенк жамоати учун масъул эдим, шунинг учун мени ўша мулоқотга таклиф қилишарди, мен биронта ҳам учрашувни қолдирмасликка ҳаракат қилардим.
1967 йили апрел ойи охирида мени, бир биродарни ва икки сингилни Шаҳар кенгашига чақиришди. Николаевск шаҳар Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходими бизни огоҳлантирди:
–Агар яна бир марта ибодат қилгани тўплансангиз ёки йиғилиш ўтазмоқчи эканингизни эшитсак, сизларни топиб, қамаймиз! Сени эса, – у мени кўрсатиб деди, – биринчи навбатда!
–Йиғилишларни бас қилмаймиз – бу бизнинг ҳуқуқимиз, суд қилсангиз қилаверинг, бу – сизнинг ҳуқуқингиз, – деб жавоб бердим мен.
–Эсингда тут, Бойко! Мен сен билан охирги марта гаплашаяпман! Сен билан бошқа ади–бади айтишиб ўтирмайман – гап битта! – деб Хавфсизлик Қўмитаси одами мени қаттиқ силтаб ташлади.
Бу қаттиққўл одамнинг сўзлари шунчалик тез бажо бўлади, деб ким ҳам ўйлабди дейсиз?! Ҳақиқатан ҳам, бизнинг суҳбатимиз у учун охиргиси бўлди. 1 май номойишидан кейин ўша куни у уйида ўзини ўзи осиб қўйибди. Уни ҳеч қандай дабдабасиз дафн қилдилар.
* * *
Менинг фарзандларим йиғинда шеър айтишни яхши кўрардилар, шеърларни эсда яхши сақлаб қолишарди. Ишдан қайтиб келганимда, бугун ким нимани ёд олганини менга айтиб берардилар. 1968 йил баҳорида катта қизим китобининг орасига “Худо бор” деган шеър ёзилган қоғозни солиб, мактабга келибди. Синфдошлари тасодифан шеърни олиб, қизиқиб ўқишибди ва ҳаммалари ўқиб чиқибди. Кейин шеър ўқитувчининг қўлига тушиб қолибди, у ҳам ўқитувчилар хонасида буни ўқиб берибди. Албатта, шеър мактаб директори қўлига етиб борибди. У мени шу масалада чақиртирди.
–Қизингиздан диний мазмундаги шеърни топиб олдик. Нимага бунақа шеърни мактабга олиб келди? Биласизми, бизнинг мамлакатда мактаб жамоатдан ажратилган!
–Мен, шундай қил, деб мажбурлаганим йўқ, чамаси, қизим бу варақни олиб ташлашни унутган.
–Бизда дин таъқиқланмаган. Сиз –катталар ибодат қилаверинг, аммо ўзларингизнинг эътиқодингизни болаларга мажбурлаб ўтказманглар.
–Дин таъқиқланмаган дегани фақат оғизда, аслида эса Худога ишончи учун қамоқхоналарда ва лагерларда айнан ҳозирги кунларда кўплаб имонлилар ётибди. Николаевск шаҳридан Николай Кучеренкони, Кулунда шаҳридан Николай Хмара сингари содиқ масиҳийларни имони учун азоблаб ўлдирдилар.
–Бўлиши мумкин эмас! Бўлиши мумкин эмас! – дея ҳайрон бўлди директор. Менинг ҳикоям уни чинакам ваҳимага солди.
–Ўзим ҳам қачонлардир атеист бўлганман, кейин асирга тушганимда, “Эй Отамиз” сўзлари билан бошланадиган ибодат ёзилган қоғозни топиб олдим. Шу ибодатни айтадиган бўлдим, Худо мени эшитди, ибодатларимга жавоб берди. Шундан кейин Унга имон келтирдим. Ҳозир хотиним, болаларим имонга келган, аммо мени Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари муттасил таъқиб қиладилар.
Бу воқеалар директор учун ниҳоятда қўрқинчли янгилик бўлди. У менинг сўзларимга ишонмади.
* * *
Ўша 1968 йили мен имонли бир сингилнинг насосини ремонт қилиш учун уйда бир марта бўлмадим. Мен энди ишга киришган эдим, қизим югуриб келиб: “Дада, бир амаки сизни дарров келсин, деб айтди”, дея хабар берди. Мен қайтиб келдим.
–Николай Ерофеевич! – деб менга пешвоз чиқди бошлиғим. – Зудлик билан янги уйга сувни улаш керак.
–Қандай қилиб? Мен фақат шаҳар ер усти сув тармоқларини биламан, бу трасса учун эса монтажчилар жавоб беришади–ку. Уларнинг ишига аралашувга ҳаққим йўқ.
–Қаердан улашни кўрсатсангиз бўлди, – деб мени мажбурлади. Мен унинг машинасига ўтирдим, биз кетдик. Люкни очиб, бошлиғимизга янги уйнинг подвалига водопроводни қандай ўтказиш кераклигини батафсил тушунтирдим.
Подвалдан чиқсак, Вознесенск шаҳар Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг бошлиғи турибди!
–О, Бойко! – У кўчадаёқ бирин–кетин саволлар бера бошлади.
Мен жавоб беравердим.
–Бойко, сиз ажойиб мутахассиссиз, яхши оила бошлиғисиз, Худога ишонишингиз сизга нимага керак?!Сизга яхши квартира беришимиз мумкин…
–Миннатдорман. Ўзимнинг кичик бўлса ҳам уйим бор. Яхшиси менга керак эмас!
Яна саволлар, жавоблар. Мен ҳам унга савол бердим. У ҳайрон бўлганича, тан олди:
–Биласизми, Бойко, мен бу саволларга жавоб беришга лаёқатли эмасман. Хоҳласангиз, маърузачи билан сизнинг ўртангизда баҳс уюштиришим мумкин.
–Баҳслар Луначарский пайтида бўлган эди, энди улар йўқ.
–Рози бўлсангиз бўлди, ҳаммасини қиламан.
–Баҳс–мунозаралардан кейин сиз мени… – биромқларим билан панжарани кўрсатдим.
–Йўғ–э, нималар деяпсиз?! – деб ишонтирди у мени. Бизнинг ўртамизда бўлаётган суҳбатни бошлиғимиз эшитиб турарди. Бошлиғимиз Хавфсизлик Хизмати одамига мурожаат этди:
–Иван Иванович! Мен юзта одамни битта Бойкога алмаштирмайман. У бизни ҳар қандай фавқуллодда вазиятдан қутқариб келди. Бойко келгунча шунчалар носозликлар кўп бўлган эдики, у ҳаммасини тузатди. Бойко чекмайди, ичмайди, сўкинмайди, бутун шаҳар уни ҳурмат қилади. Қаерда авария бўлса, Бойко ўша ерда ҳозир бўлади.
–Биламан, биламан, Бойко яхши одам. Уни бузаётган нарса шуки, у Худога ишонади.
Бу шанба куни бўлган эди. Кейинги куни – якшанбада велосипедимда йиғинимизга кетдим. Уйим яқинида доим кузатиб турганларини ҳисобга олдим ва кузатувчиларни чалғитиб, тескари томонга кетдим. Бир неча квартални айланиб ўтиб, орқамдан ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилганимдан кейин, Худога хизмат ўтадиган уйга етиб келдим. (Имонли сингилнинг эри кейинроқ ҳикоя қилиб берди: ўша куни эрталаб тахминан соат 11 да милиция ходимлари машинада имонлилар йиғилган уйни излашибди. Хизматимиз тугаган пайтда – соат бирда улар бизни топишган экан.)
Ўша куни бизга Одессалик ёшлар келишган эди. Йиғинда жамоат аъзоларига қараганда, болалар кўп эди. Худо марҳаматлаган йиғин тугади, кимдир кетди. Ёшлар ва бир неча болалар қолишди. Бирдан милиция келиб қолса бўладими! Милиция ходимлари билан бирга Вознесенск Давлат Хавфсизлик хизматининг бошлиғи Иван Иванович ва унинг ходимлари. У залга мўралаб, у ерда мен борлигимга ишонч ҳосил қилгач, ташқарига чиқди. Тинтув бошланди. Имонлиларнинг қўлларидан диний адабиётларни тортиб олдилар. Ҳужжатларини текширдилар. Улар одессаликлар билан қизиқдилар.
–Бу ёшлар қаердан келган?
–Улар бизнинг Масиҳдаги дўстларимиз.
–Иккинчи марта қораларингизни бу ерда кўрмайин! – бошлиқларга пўписа қилди, мени милиция машинасига ўтказиб, уйимга олиб келди. Уйимнинг олдида укам ва хотиним болалар билан ўтиришган экан. Улар йиғиндан мендан олдинроқ кетишган эди. Хавфсизлик ходимлари ва милиция уйга киришди.
–Тинтув бошланглар! – деб буйруқ берди Хавфсизлик бошлиғи.
–Яна прокурорнинг рухсатисизми?
Гувоҳларни олиб келишди, тинтув ўтказишди. Уйимда Муқаддас Китоб, қўшиқлар тўплами ёзилган умумий дафтардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. 1962 йили уйимда кўп тинтув ўтказишган эди. Милиция ходими Хавфсизлик бошлиғидан сўради:
–Олиб кетамизми?
Хавфсизлик бошлиғи “йўқ” дегандай бошини тебратди.
Менинг атрофимда юз бераётган вазиятни ўзим тушуниб турардим: маърузалар ёрдамида мени ишонтиришга бўлган уринишлар натижа бермади: Худога ишончдан қайтмадим, энди улар мени ҳаммадан ажратиб қўйишга қарор қилган эдилар.
Тинтув ўтказилгандан кейин икки ой ўтгач, яъни 1968 йилнинг 2– июнида юрагим безовта бўлиб азонда турдим. Ухлаётган болаларим тепасига келиб, ҳар бирининг тепасида ибодат қилдим. Хонага кириб келган Валя ҳаммасини тушунди.
–Азизам, тўйдан олдин сенга қамалишим тўғрисида айтган эдим–ку, ўша вақт келди.
–Етталовини кимга қолдиряпсан? (Хотиним саккизинчисини кутаётган эди.)
–Валя, мен отаман, аммо менинг кучим ва имкониятларим чегараланган. Сизларни Қодир Худо паноҳига топшираман.
Хотиним йиғлади. Бирга ибодат қилдик, йиғлашиб олдик, мен ишга кетдим.
Устахонага энди кирган эдим, “сизни бошлиқ чақиряпти”, деб хабар беришди. Унинг хонасида мени икки нотаниш одам кутаётган экан. Бошлиғим менга ачиниб қаради–да, деди:
–Мана булар сен билан гаплашмоқчи эканлар.
Улар мени машинага таклиф қилдилар, прокуратурага олиб келдилар ва суҳбат бошладилар.
–Наҳотки бизнинг замонда ҳам Худога ишонсангиз?!
–Мен эътиқодли масиҳийман.
–Худо сизга нимага керак?! Сиз – жуда яхши мутахассиссиз. Сизга яхши квартира беришлари мумкин.
–Кечирасизлар. Абадий ҳаётни вақтинчалик ҳаётга, гарчи буниси яхши бўлса ҳам, алмаштиришга ҳеч қачон рози бўлмайман!
–Болаларингиз кўп, ҳеч бўлмаса уларга раҳмингиз келса бўларди.
–Болаларим –Самовий Отанинг паноҳи остида.
Хавфсизлик идораси одамлари менга бир неча марта болаларим ҳақида эслатди. Мен ўйлаб қолдим: Мабодо улар биздан болаларимизни тортиб олмоқчи эмасмиканлар? Бобаларимизга васийлик қиладиган оила менинг қариндошларим орасида ҳам, хотинимнинг қариндошлари орасида ҳам йўқ эди. Мен болаларимни Худога топширдим. Улар бирдан гап оҳангини ўзгартирдилар:
–Эҳ сен ўта ишқибоз! Пешонангни деворга ур, ўзинг ибодат қил, аммо уйда ўтир!
Сизларга Хушхабардан қуйидаги парчани келтирмоқчиман: “Биз ҳам, У сингари нурда юрсак, бир–биримиз билан мулоқотда бўламиз…” Мулоқот – Худога хизматимнинг ажралмас қисмидир. Йиғинларга бора олмайман. Бу эса Худога ишонмаслик билан баробар.
–Ундай бўлса сени суд қиламиз!
–Қайси қонунлар бўйича? Конституция ҳар бир одамга эътиқод эркинлигини кафолатлайди.
–КПССнинг 23 сеъзди қарорлари бўйича!
–Шунақа қарорлар билан қанча бегуноҳ одамларни йўқ қилдилар, ўлимидан кейин эса оқладилар…
–Шахсга сиғиниш даврида “ҳаддан ошириб юборганлар”.
–Сизлар бугун ҳам ҳаддан оширяпсизлар. Ўша даврдаги ҳаддан ошишларни ўзларингиз эътироф этяпсизларми, вақти келади, ўз оғзингиз билан, сизга ноқонуний хатти–ҳаракат қилган эканмиз, деб тасдиқлайсизлар. Шунинг учун эътиқодимга ва имондошларимга алоқадор биронта саволга жавоб бермайман. Ундай саволларни берманглар.
–Жавоб берасан! – деб қатъият ва ҳукмронларча гапирди Хавфсизлик хизмат одами.
–Жавоб бермайман!
–Мажбур қиламан! – деб бақирди ва ғазаб билан ўрнидан сакраб турди.
–Ҳаммани ҳам мажбур қила олмагансизлар–ку!
–Мажбур қиламан! Менга нима керак бўлса, жавоб берасан!
–Кечирасиз! Агар мана шу хонангизнинг девори оқ бўлса, ҳеч қачон, девор қора деб айтасан, дея мени мажбур қила олмайсиз.
–Бунақаларни мажбур қилмаганмиз!
–Мени ўлим билан қўриқита олмайсиз. Мен абадий ҳаётга ишонганимда, ўлим менга нима бўлипти!
–Олиб кет бу ердан! – деб навбатчига буйруқ берди у.
Мен ҳеч қачон ўзимни дадил ҳисобламаганман, аммо шуни англаб етдимки, жамоатнинг ибодатлари туфайли Худонинг ишига душман бўлганлар билан суҳбатда қўрқмаслигим учун У менга жасорат ато қилди. Худо мени очиқ мустаҳкамлади ва ўзимни ўлимга ҳукм қилишим учун куч ато қилди.
VI боб
Қамалган кунимдан кейин икки кун ўтгач, терговчи мени сўроққа чақирди. Кимдир эшикни тақиллатди.
–Мен ҳам иштирок этсам бўладими?
–Агар Бойко қарши бўлмаса.
Мен эътироз билдирмадим.
Терговчи кўп нарса тўғрисида сўраб–суриштирди, ҳамма гапини узоқдан олиб келарди. Эътиқодим, имондошларим, сафарларим тўғрисида сўраганда, жим туравердим. Ташриф буюрган одам Николаев вилояти “Южная правда” газетасининг редактори экан. У гапириб қолди:
–Бойкога бир неча саволлар берсам бўладими?
–Агар Бойко рози бўлса.
–Марҳамат, беринг саволингизни.
–Бойко, сиз бизнинг тизимда тарбия топгансиз. Наҳотки Биби Марям Масиҳни туққанига сиз ишонсангиз?!
–Каломнинг бирорта сўзи Худодан кучсиз бўлиб қолмайди! У Калом билан Коинотни яратди, сиз билан бизни бино қилди, Унинг Каломи кучи билан Масиҳ туғилди.
–Айт–чи, сени бу мазҳабга ким тортди? Ахир, сен комсомол бўлгансан!
–Тўғри, мен ёшлигимда атеист бўлганман. Шундай мақол ҳам бор: “Ким ёш бўлмаган экан, у аҳмоқ бўлмаган”. Катта бўлдим, фикр юритадиган пайт ҳам келди. Ёмон хатти–ҳаракатлар мени ўзига торта бошлади, менинг ақл–идрокимга қарши бўлиб қолди. Уларга қарши кураш учун кучим етмай қолди. Худога мурожаат этганимда, қалбимдан тана ва жоннинг ҳар қандай нопоклиги, ярамасликлари, худди вулқон сингари, отилиб чиқди. Ўшандан буён мен инсон қалбининг гўзаллиги ва уйғунлигини ташкил қилувчи ҳалолликни қадрлайман, буни муқаддас ва олийжаноб деб биламан. Тўғри, мен комсомол бўлганман, айни пайтда ароқ ичганман, ўғирлик қилганман, безори бўлганман. Ҳозир шаҳар халқидан сўранг – ҳаммаси мени билади – биронтаси менда ёмон одатни пайқаганмикан?
Редактор менга ёмон қараш қилди:
–Худога ишонганингдан кўра, ўғри, ароқхўр, қотил бўлганинг яхши эди!
–Ундай бўлса, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ.
–Кўряпсанми, у ўзини қандай тутяпти! – худди шикоят қилаётгандай гапирди терговчи. – Мен унинг ишини кўрмайман, уни Николаевскка олиб бораман!
У сўзида турди: икки кундан кейин мен Вознесенскда йўқ эдим.
Кейинроқ билдим: мен қамалганимдан кейин Хавфсизлик идораси одамлари бир миш–миш тарқатибдилар: гўё менинг уйимни тинтув қилганларида рация, советларга қарши варақалар, қурол омбори топган эмишлар. Бу миш–миш билан улар шаҳар аҳолисини имонлиларга қарши қўймоқчи бўлган эканлар. Шунингдек, мен гўдакни қурбонлик ҳам қилган эмишман. Шаҳар ваҳимага тушиб қолди. Ҳамма ҳақиқатни билиш учун судни кутарди. Газеталарда бирин–кетин имонлилар тўғрисида, бевосита мен ҳақимда туҳмат мақолалар босиларди.
Тергов жадал суратда борарди. Сўроққа фақат имонлиларнигина эмас, ўқитувчиларни, қўшниларни ҳам чақиришди. Аммо улар учун судга керакли кўрсатмаларни олишнинг имкони бўлмади. Катта синглимни ҳам сўроқ қилдилар. У мен тўғримда биронта ёмон гап айтмади, аммо сўроқ протоколига имзо чекибди.
Хотиним синглим билан баробар ёнарди: “Марям, сен Коляни ҳимоя қилдинг, аммо нега имзо чекдинг? Сен имзо чеккан вараққа терговчи ўзига тўғри келганини ёзади, судда эса сенинг сўзларинг деб айтади”.
Эртаси куни хотиним прокуратурага борибди, агар уддасидан чиқса, бирпасга бўлса ҳам мен билан учрашмоқчи бўлган экан. Марям хотиним билан бирга борибди.
Марям терговчининг хонасига кириб, кечаги кўрсатмаларимни ўқиб олсам майлими, деб илтимос қилибди. Николаевск Хавфсизлик Қўмитасидан терговчи Ипатьев синглимга варақни узатибди. Синглим қўлида бир лаҳза ушлаб турибди–да, биттагина жумлани ўқишга улгурибди. Бу жумла: “Ундан болаларни тортиб олиш керак” деб ёзилган экан. Синглим даҳшат ичида қўлида ўша протколни ушлаганича оёғини қўлига олганича кўчага югурибди. Кўчага чиқибоқ қоғозни майда–майда қилиб йиртиб ташлабди.
Терговчи ишнинг бундай кетишини кутмаган экан. Синглимнинг ортидан югуриб чиқиб: “Эҳ бу шанғи хотинлар!” деб ғазабланибди.
Марямга етиб олгани билан ҳаммаси беҳуда эди.Қоғоз парчалари ҳар томонга учиб кетган эди…
Кичик синглим Юля ҳисобчи бўлиб ишлар эди. Терговчи уни қўрқитибди: “Агар акангдан воз кечмасанг, ишдан бўшатамиз!” У шундай деб ёзиб берибди: “Мен уни ака деб тан олмайман ва ундан воз кечаман. Чунки у беҳуда йўлдан кетди”. Аммо мен ундан асло хафа эмас эдим. Ўша пайтда Юля имонга келмаган, мажбурлаш оқибатида мендан воз кечишга бардош билан туриш учун ҳеч қандай кучи йўқ эди. Кейин у мендан кечирим сўради. Ҳозир у ҳам имонли.
Укамни ҳам тинч қўйишмади. У ўт ўчириш командасида ишлар, бошлиқнинг эътиборига тушган эди. Ҳамма ҳужжат ишларини виждонан олиб борар, махсус қисмларни хато қилмай беркитарди. Ревизия комиссияси ҳеч қандай камчилик топа олмади. Укам сўроқ пайтида мен тўғримда фақат яхши гапиргани учун уни ишини комиссия босган экан.
Навбатдаги сўроқдан кейин улар укамдан тилхат олишибди. Тилхатнинг мазмуни шу эканки, укам менинг фарзандларимни ўқитувчининг иштирокида сўроққа прокуратурага олиб келиши керак экан. Укам фисқи фасодни англамай учта каттасини (ўшанда Лида – 11 ёшда, Вера – 10 ёшда, Павлик – 9 ёшда эди) олиб келибди. Прократурада хотинимни ва синглим Марямни учратибди. Валя болаларни кўриб, ҳуши бошидан учибди. Хотинимга Марям, болаларни сиздан тортиб олишмоқчи, деб айтибди. Валя саккизинчи фарзандни кутаётган эди. “Менга “Тез ёрдам”ни чақиришга тўғри келмасин”, ибодат қилибди ва Худодан, ҳаммасини хотиржам бошдан кечиришим учун куч ато қилгин, деб илтижо қилибди.
“Павлик, болагинам, мана сенга йўлкира, кучинг борича Ленин кўчасига югур, тезда уйга бор. Болаларнинг ҳаммасини олиб, бирон ёққа кетиб, яширининглар, бўлмаса ҳаммангизни олиб кетишади…” деб хотиним ўғлимизга кўрсатма берибди. Ўғлим айтилганидай қилибди. Болалар кун бўйи имонли сингилнинг узумзорида ўтиришибди.
Милиция ходимлари бир неча марта машинада уйимга келибди, ёш болаларимни қидиришибди. Аммо уй бўм–бўш экан: Павлик кичкиналарни олиб кетган, Валя эса катталар – Люда ва Вера билан бирга прокуратурада қолган.
“Лёня, нима қилиб қўйдинг?! – деб хотиним укамга уқтирибди. – Булар болалар–ку! Улар бирон нарса деб, ўз отасига қарши гувоҳлик бериши мумкин! Болалари эндигина уйқудан турган, ўзларини тартибга келтирган ҳам йўқ, нонушта қилмаган, уларни шу ҳолича олиб келибсан!”
“Ахир, болалар гувоҳ бўладилар, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим”, – деб Лена ўзини оқламоқчи бўлибди.
Аммо кеч бўлган эди: Людани кабинетга сўроққа чақиришди. Эшитиб турибман: у муттасил йиғлаб, бир гапни такрорлайверди: “Менинг дадам яхши! Менинг дадам яхши!” Қизимни кабинетдан олиб чиққанларида, у лохас бўлиб, юра олмай қолди. Хавотирланишдан, чамаси, оёқлари ишламай қолди.
Иккинчи қизим Вера, ҳали бола–да, вазиятнинг жиддийлигини англамай, сўроқ пайтида доим кулаверди, ҳеч гап гапирмади, бирон нарсага рози бўлмади. Унга конфетлар беришди, чиройли туфли сотиб олишга ваъда беришди, фақат “Дадам бизни Жамоатхонага йиғинга олиб борарди” деб айтса бўлди эди. Вера кулганича жим тураверди.
Cўроқдан кейин Марям болаларни уйга олиб келибди. Эртаси куни эрталаб Валя ўғилларимни олиб, холамнинг ўғлиникига кетибди. У ерда бир ҳафта бўлибди. Кичкиналарни Ёрдамчи станциясидаги имонлиларникига олиб бориб қўйибди.
Уйимизнинг орқасида нафақат қўшнилар, балки Хавфсизлик идораси одамлари ҳам кузатар экан. Улар берк уйнинг эшиги олдига келиб: “Она қаёққа йўқолди экан? Болалар қани?” дея ҳайрон бўлишаркан. Худо ёш болаларни яширди: кузатаётганларнинг ҳаммаси болаларни турли жойларга жўнатганларидан бехабар эдилар.
Валя кўрсаки, Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари уйни кузатишда давом этяптилар. У маҳбуслар ота–оналари Кенгашига бориб, ёш болалар устидан қилинаётган ҳамма қонунсизликлар ҳақида Брежневга телеграмма жўнатдилар, бу ҳақда бутун жамоатларга хабар бердилар.
Шундан кейин болаларни таъқиб қилиш тўхтади. Болаларимни тортиб олиш режаси барбод бўлди, аммо укамга Хавфсизлик Қўмитаси одамлари тинчлик бермадилар. Укамга қарши ишлаб чиқариш йиғилиши ўтказибдилар, уни қамаш ҳақида прокуратура олдига васийлик билан чиқиш учун жамоани қайрабдилар. Укам жиддий ғазабланди: “Тўғри, биз қондош ака–укамиз. Аммо наҳотки бу шу қадар жиноят бўлса?! Наҳотки шунчалик қувғин қилишга сабаб бўлса?!” Ишлаб чиқариш бошлиғининг ҳам қаттиқ жаҳли чиқибди: “Қанақа бемаънилик бу, ўртоқлар?! – Агар у имонли бўлганда майли эди! Лёня имонли эмас–ку! У шунчаки Николайнинг туғишган укаси.”
Орадан маълум вақт ўтгач, Николаевскдан Лёняга телефон қилишади: “Зудлик билан Николайга узум ва бошқа озиқ–овқат олиб кел”. Бу сафар у қариндошлар билан маслаҳатлашади: “Улар сенга тузоқ қўймаяптилармикан? Марям борсин” - деб қарор қилишади қариндошлар. Марям у–бу нарсалар олиб боради.
Терговчи Марямни кўриб қаттиқ жаҳли чиқибди: “Нимага Лёня келмади? Биз телефон қилган эдик–ку Лёня олиб келсин деб”.
Марям олиб борган нарсаларни киритишга рухсат беришмабди. Лёняни бир неча марта Николаевск прокуратурасига чақиришди, аммо Лёня эҳтиёткорлик қилиб, бормади. Хавфсизлик идораси ходимлари эса Лёнянинг ортидан кузатиш ва у тўғрида материаллар йиғиш учун ёрдам беришга ишчиларни даъват қилдилар. Шундан кейин укам тоқат қила олмади ва ишдан бўшади.
Менинг уйимга текиширувга ва тинтув билан кўпинча турли хизматнинг одамлари келишарди. Ҳатто биринчи марта судланганимни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам тортиб олибди. Хотиним фарзанд туғиб туғруқ хонада ётганда, болаларимизга имонли бир сингил қараб ўтирган экан. “Хавфсизлик идораси ходимлари шунчалик безор қилдики! – деб нола қилди у. – Бир униси келади, бир буниси келади, ковак–тешикларни бир неча мартадан текширишади. Бир кун чертакка чиқишди, мен ҳатто нарвонни олиб қўйсамми ҳам деб ўйладим…”
Мен қамалганимдан кейин судгача, яъни 20 июндан 25 сентябргача қўшнимиз бир кун ҳам ишга чиқмабди. Унинг уйи деразасидан бизнинг ҳовли яхши кўриниб турарди. Менинг уйимда ва ҳовлимда бўлиб ўтган гап–сўзлар Хавфсизлик идораси ходимларига маълум бўларкан. Қариндошларим ва имонлилар экинзорга чиқиб, ўша ерда гаплашадиган бўлишибди. Менинг ишим юзасидан тергов олиб борилаётган пайтда оилам қаттик хавотирликда яшашига тўғри келибди. Аммо Худо тасалли бериб, уларни мустаҳакамлабди. Туғишганларим оҳ–воҳ қилмасдан ҳамма оғирликларни мен билан бирга бошдан кечирдилар.
1968 йили менинг ишимни судга оширдилар. Кечқурун мени Николаевскка олиб кетдилар, эртасига эрталаб Вознесенскда суд белгиланган эди. Мени машинади Вознесенск Маданият саройига олиб келдилар, милиция ходимлари қуршовида суд залига олиб кирдилар. Мени олиб бораётганларида, Марям бақириб гапиришга улгурди: “Коля! Сенга қанчалар бўҳтон ёғдиришди! Ҳеч кимни суд залига қўймаяптилар, ҳатто қариндошларни ҳам!”
“Ундай бўлса, суддан воз кечаман”– деб мен ҳам жавоб беришга улгурдим.
Оломонни ёриб ўтиб, мени суд залига олиб кирдилар.
Суд жараёни дабдабали бўлди. Телевидение ва радиоаппаратларини жойладилар. Маданият саройи ёнидаги бозорга карнай ўрнатдилар. Аммо буларнинг бари сохталиги маълум бўлиб қолди. Судянинг, прокурорнинг саволлари аниқ эшитилар, мен жавоб беришни бошлашим билан атайлаб карнайдан хириллаган овоз чиқар, ҳеч нарса эшитилмас эди.
–Бойко, мен сизнинг ҳимоячингизман, – деди таниш бир судья менга.
–Менинг ҳимоячим – Худо, Унинг ёрдами билан ўзимни ўзим ҳимоя қиламан.
–Мен давлат ҳимочисиман, пулли эмас, – деб изоҳ берди у.
–Мен сизнинг ҳимоянгизга муҳтож эмасман.
Суд залида одамлар кўп эди, аммо мактаб директори билан ўқитувчилардан ташқари ҳаммаси бегона, нотаниш. Маълум бўлишича – кейин билдим – судга ҳамма вилоятлардан фаол комсомолларни, коммунистларни, кунгилли қушинларни йиғиб келишган экан. Суд пайтида уларни меҳмонхонага жойлаштирибди, алоҳида ошхонада овқатлантиришибди. Маълум вақт ўтгандан кейин ён эшикни очишди. Қарасам, синглим қизи билан, етти фарзандим, уларнинг ортидан хотиним келишяпти. Агар мен уни йиғлаган ҳолда кўрганимда эди, судда хотиржам қатнаша олмаган бўлардим. Хотиним залга кириб, қўлини кўтарди ва мен билан саломлашди:
–Коля! Исо Масиҳ номи билан дадил бўл!
Залда ўтирганлар ўша томонга қарашди. Хотиним ўртага ўтиб, яна бир марта бақирди:
–Исо Масиҳ номи билан дадил бўл!
Унинг шодиёна руҳи менга далда берди. Ўзимда куч сездим. Хотиним орқали Раббий ғаройиб равишда менга далда бериб, қўллаб–қувватлайди, деб кутмаган эдим.
Залга Николаевск шаҳри прокурори ва жамоат қораловчиси кириб келди. Қораловчи аёл киши эди. Айблов хулосасини ўқидилар, мен сўз сўрадим.
–Ўртоқ судья, ўртоқ прокурор! Қандай қилиб мен билмайдиган, шаҳар аҳолиси, мен ишлаган ишчилар жамоаси билмайдиган одам жамоатчилик номидан айбловчи бўлиши мумкин?!
–Бу сизнинг ишингиз эмас, – деб гапимни бўлди судья.
Бундай ҳолатда мен айбловчидан воз кечаман. Бундан ташқари: Вознесенскда прокурор ва унинг икки ўринбосари бор. Нима учун судда Николаевск прокурори ҳам бор?
–Бу сизнинг ишингиз эмас. Саволга жавоб беринг: ким сизни шу эътиқодга тортди?
–Ҳеч ким. Раббий мени топиб, Ўзига жалб қилди.
–Бойко, сиз билан кўп маърузачилар суҳбатлашди, сизни эътиқодингиздан қайтара олмадилар. Сиз қаерда ўқигансиз?
–Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Худони севган одамга У томондан билим берилади”.
Ўқитувчилар нафрат билан фарзандларим тўғрисида ёлғон гапирдилар: “Бойконинг фарзандлари эзилган, одамови, саводсиз…”
–Ўртоқ судья! Делода ўғлим Яшанинг ўқитувчиси кўрсатмалари бор. Кўрсатмада шу сўзлар ёзилган: “Яша 6 ёшидаёқ 70 та масиҳийча шеърларни биларди..” 70 та шеърни билмаслиги мумкин, аммо 40 тасини ёддан билгани аниқ, бунинг учун кафолат бераман. Энди ўйлаб кўринг: қандай қилиб сизларнинг қарашингизча, эзилган, саводсиз бола 12 ва ундан кўпроқ банддан ташкил топган 70 та шеърни ёд олиши мумкин?!
–Сиз фарзандларингизни ибодатхонага боришга мажбур қиляпсиз! – жаҳл билан гапирдибир ўқитувчи. Судда улардан 34 гувоҳ бор экан.
(Менинг қизим ўқийдаган синфни пионерликка қабул қилаётганларида, ҳаммасини қатор қилибдилар. Фақат менинг қизим галстук олиб келмаган экан. “Бойко, нимага галстугинг йўқ?” деб пионервожатий сўраган экан, қизим: “Мен Худога ишонаман, пионер бўлмайман”, – деб жавоб берибди. Пионервожатий қиз: “Қани, жўна уйингга! Галстуксиз келма!” деб қизимни туртган экан, у йиқилиб тушибди ва тиззаси шилиниб, қонабди. Қизим уйга келиб, онасига айтибди: “Ойи! Қаранг, пионервожатий мени итариб юборди. Агар мени пионерга ўтасан, деб мажбур қилишса ҳам кирмайман!”)
Бу воқеани билардим, шунинг учун суд бораётганда Людадан ўша воқеани айтиб беришини сўрадим. Қизим қўрқмасдан баланд овоз билан бу ҳақда гапириб берди.
–Ўртоқ судья! Кўрдингизми, ким зўравонлик қилётганини! – деб қизимнинг гапларини тасдиқладим.
Суднинг биринчи кунида менга кўп гапиришга рухсат бермадилар.
Суднинг иккинчи кунида “ашёвий далиллар” келтирдилар ва шу асосда жиноий иш қўзғатилганини исботламоқчи бўлдилар. “Ашёвий далиллар” – уйимни тинтув қилганларида мендан тортиб олган диний адабиётлар эди.
–Бу сизнинг китобларингизми?
–Уйимда прокурорнинг рухсатисиз тинтув ўтказишган, буларнинг тортиб олингани тўғрисидаги актга қўл қуймаганман. Қани, шу китобларни кўрай–чи, қайси бири меники эканини кўрсатаман.
Котиба китобларни менга узатди. Меники бўлмаганларини бир томонга қўйдим. Менинг Муқаддас Китобимни узатди. Китобни юқори кўтариб, шундай дедим:
–Ўртоқ судья! Муҳтарам халойиқ! Бу – Муқаддас Китоб, рус танқидчиси Белинскийнинг сўзларини айтишга журъат қилмадим, фақат “Муқаддас Китоб – ҳамма учун китобларнинг Китобидир!” деб айтдим, холос. Бу Китоб кўзимни очди, ҳақиқий йўлни, ҳаётнинг мақсадини ва мазмунини кўрсатди!
Китобни қўйиб, “Гусли”ни олдим ва шундай дедим:
–Бу диний қўшиқларнинг босмахонада чоп этилган мажмуаси, бу қўшиқларнинг мазмуни жуда бой.
–Мана бу менинг умумий дафтарим, – деб залда ўтирганларга кўрсатдим. – Диний мазмундаги шеърларни ўз қўлим билан шу дафтарга ёзганман.
Қолган китоблар меники эмас эди. Суд зали бўйлаб шаҳар аҳолиси “менинг жиноий ҳаракатларим исботи бўлган ашёвий далиллар”ни – гўё уйимдан топилган қурол–аслаҳаларни, гўё мен Америка билан алоқага чиққан рацияни кўрмоқчи бўлдилар. Аммо судда бунга ўхшаш нарсалар кўрсатилмади, қаердан ҳам бўлсин?! Фақат таъқибчилар ўзларининг қонунсизликларини оқлаши керак эди, менга бўҳтон қилиб, менинг оиламга шаҳар жамоатчилигини қарши қўйиши керак эди.
Котиба китобларни олиб кетди. Столнинг усти бўшади. Ҳеч қандай рация, ҳеч қандай қурол йўқлигини ҳамма тушунди. Залда шовқин кўтарилди. Тингловчиларнинг қизиқиши йўқолди. Прокурор сўзлаганда ғазабли ҳайқириқлар янграб турди. Судья қўнғироқ чалиб, залда тинчлик ўрнатмоқчи бўлди – бефойда.
Суд йиғилишидан кейин ҳукмни ўқиб эшиттирдилар: Украина Совет Социалистик Республикаси Жиноий Кодексининг 209–моддасига биноан кучайтирилган режимдаги лагерда 5 йилга озодликдан маҳрум этилсин ва 5 йилга сургун қилинсин. Раббий менга Воркутада зоҳир қилганидай, 10 йил.
–Бойко охирги сўз сизга, нима гапингиз бор?
–Ўртоқ судья! Худойимга шукр айтаман: У мени буюк шарафга муяссар қилди: Худосиз ХХ асримизда мени барҳаёт Худо тўғрисида жонли гувоҳ қилди. Озми, кўпми, Худога илтижо қиламан: менинг ва катта оиламнинг азоблари ер юзидаги Масиҳ Жамоатининг охирги азоблари бўлсин.
Судья гапимни охирига етказишимга имкон бермади: “Бўлди, Бойко, бўлди!”
Вознесенскда ҳатто менга суддан кейин рухсат этилган қариндошларим билан учрашувни ҳам бекор қилдилар, тўғридан–тўғри Одессага жўнатдилар. Чунки халқ қаттиқ ҳаяжонда эди. Аҳоли ғазабга минди. Мен меҳнат қилган ишхонанинг бошлиғи ва инженери очиқчасига гапирдилар: “Бутун шаҳарни алдадилар! Бойкодан ҳеч нарса топа олмадилар!” Шу гаплари учун уларни ишдан бўшатибдилар.
Мен ишлаган жойдаги биронта ҳам одам судда гувоҳ бўлмади. Фарзандларим ўқийдиган мактаб директори кўрдики, мени эътиқодим учун суд қиляптилар. Шу боис у ҳам суднинг охиригача кутмай кетиб қолди. Менинг устимдан суд бўлиб ўтгандан кейин мактаб директори ичкиликка берилибди, у ишдан бўшатилибди.
* * *
Айрим имонлилар, яхшиси, Коля озодликка чиқиб қайтиб келмагунча, йиғилмайлик, деб айтибдилар. Биттаси эса хотинимга шундай дебди: “Кучайтирилган режимдан кейин Коля қайтиб келмайди. У билан учрашувга бориш – бефойда, оиласи билан учрашувга рухсат берилмайди…”
Инсон қалбининг душманлари Вознесенск жамоатидаги айрим имонлиларни иккилантиришга муваффақ бўлса ҳам, Худонинг самимий ва ишончли болалари барибир қолибдилар. Улар хотиним билан гаплашишга қўрқмабдилар, уйимга келиб, қўлларидан келганча ёрдам берибдилар. Бир кекса ногирон сингил менинг оиламни шунчалик яхши кўриб қолибдики, ўзининг фарзандлари қаршилик қилсалар ҳам, бизникида яшабди.
Менинг уйимда бўладиган йиғинларга тўрт–бешта сингил келар экан. Валя болаларни ўтқазиб, Худонинг Каломидан ўқиб берар экан. Кейин эса Худонинг таъқиб қилинаётган халқи учун, Раббийга садоқати туфайли ҳибсда азоб чекаётган Масиҳ маҳбуслари учун Худога илтижо қилар эканлар. Юз бераётган таъқибларга бардош бериш учун ўзлари тўғрисида ҳам ибодат қилибдилар.
Мактабда фарзандларимга адолатсиз муносабатда бўлар эканлар. Улар пионер бўлмаганлари учун ҳақорат қилар эканлар, мактабдан ҳайдаб чиқариб, уч ҳафталаб дарсга қўймас эканлар. Сўнг қолоқ ўқувчи деб баҳоларини пасайтирар эканлар. Таъқибдаги бошқа биродар маҳбусларнинг болаларига ҳам шундай муносабатда бўлар эканлар: уларни атайлаб қолоқ ўқувчи қиларканлар–да, ақли заиф болалар махсус мактабига жўнатарканлар. Ота–оналари васийлигидан маҳрум бўлган болаларни у ерда руҳиятига таъсир этувчи воситалар билан “даволаб”, айримларини бир умрга ногирон қилиб қўярканлар. Худога содиқ бўлган оталар учун болалар азоб чекканда, Раббийдан бошқа ким ҳам ота–оналарнинг қайғусига шерик бўларди?!
VII
боб
Одесса шаҳри қамоқхонасидан мен Винница вилоятидаги 39 зонага гранит каръерига юборилдим. Чунки менинг ишимда: ”Алоҳида оғир ишларда фойдаланилсин”, деб қайд қилинган эди.
Зонага келгандан кейин одатда – тинтув, баня ва Барак. Нарсаларимни каравотга ташлаб, энди ибодат қилиб бўлган эдим, коридорда менга томон дадил қадам ташлаб икки маҳбус кела бошлади.
–Сиз янги зонадан, шундайми? Айтинг–чи, Бойкони қандай топсам бўлади?
–У сизга нима учун керак?
–Керак–да! –деб асабийлашган ҳолда гапни қисқа қилдилар.
–Нима учун кераклигини айтсангиз, уни сизга кўрсатаман.
–Санитария бўлими бошлиғи, “катта балиқ” тутдик, деб айтди. Ўзингиз тушунасиз, бизнинг зонага катта жиноятчини олиб келишибди. Биз у билан танишишни истаймиз.
–Бойко– мен.
Улар менинг сўзларимга ишониб–ишонқирамай, бир–бирларига қарадилар.
–Қайси модда бўйича ҳукм чиқаришди.
138, 209–модда бўйича, Украинаники.
–10 йилдан бери ўтирибман, ҳамма моддаларни биламан, аммо бу моддани билмайман!
–Мен эса аксинча, Худога ишонаман, диний оқимлар ҳақидаги ноқонуний Қонунчиликка рози бўлмадим. Худога хизмат пайтида жамоатга болалар ва ёшлар келгани учун мени беш йил кучайтирилган режимга ва беш йил сургунга ҳукм қилдилар.
–Санитария бўлими бошлиғининг айтишича, сен бир болани қурбонлик қилган экансан. Шу ростми?
–Агар сен қамоқда 10 йил бўлган бўлсанг, ўзинг яхши биласан, қотиллик учун, у қандай шаклда бўлмасин, отувга ҳукм қилинади. Энг камида – 15 йил берилади! Менда эса беш йил ва яна беш йил.
Йигитлар сўзсиз, индамай фикр юритишарди. Баъзан одамни мантиқий фикрлашга йўналтирмасанг, у масаланинг моҳиятига етиб бормасдан, қандай эшитган бўлса, шундай қабул қилади. Таҳлил қилиб, солиштира бошлагандан кейин эса у осонликча алданганини тушуниб етади.
Йигитлар таажжубланганларича туриб қолдилар, кетмадилар. Мен Масиҳ ҳақида, ўзим ишонадиган Худо ҳақида, абадий ҳаёт ва абадий азоб–уқубат ҳақида гувоҳлик бера бошладим.
–Демак, сен баптистсан, шундайми? –деб сўради шу пайтгача жим турган йигит. – Мен Ворошиловград қамоқхонасида шундай одамлар билан ўтирган эдим. Зўр одамлар! – бош бармоғини кўтариб, имонлилар ҳақида самимий гапирди.
Бошлиқлар ёмон мақсадда мен ҳақимда фитна ва ёлғон–яшиқ гапларни тарқатган экан. Маҳбуслар эса менинг ҳамма вазиятимни аниқ билганларидан кейин, ҳамма эшитганларини зонада аксинча қилиб гапириб юрдилар: “Биз Бойкони кўрдик. У ҳукм қилинган моддани биламиз – у ҳеч қандай “балиқ” эмас. Агар у болани қурбонлик қилганда, отувга ҳукм қилган бўлардилар”.
Шундай қилиб, тўқиб чиқарилган ёвузликни Худо яхшиликка айлантирди – маҳбуслар менга яхши муносабатда бўлдилар.
Эрталаб маҳбуслар билан майдонда турган эдик –дарвоқе, бизни ишга шу ердан олиб кетишади – ҳамма “Нима учун?” деб сўраб–суриштира бошлади. Жавоб бердим. Ҳайрон бўлдилар, баҳслашмадилар. Сменадан қайтиб келдим – атрофимда янада кўп маҳбуслар тўпланишди. Ҳаммасига янада кўпроқ Масиҳ ҳақида, Худога хизматим тўғрисида гапиришимга тўғри келди. Душманларнинг режаси амалга ошмай қолди, улар маҳбусларни менга қарши қайрамоқчи бўлдилар, аммо ҳеч нарса қила олмадилар.
Маҳбуслардан бири менга тикилиб, хотирасида ниманидир тикламоқчи бўлиб сўради:
–Сени қаерда кўрган эканман?
–Мен Воркутада жазо муддатини ўтаганман, сен у ерда бўлганмисан?
–Йўқ. Ҳа, бўлди, юзингни эсладим! Эсладим! – кулимсиради у. – Телевизорда сени кўрган эканман! Аниқ телевизорда кўрганман! Сенинг судингни кўрсатишган эди!
–Бўлиши мумкин!
“Биз номаълуммиз, аммо бизни биладилар!” Худога шукр.
Лагерга келганимга бор–йўғи бир неча ой бўлди, аммо маҳбуслардан яшириниш мумкин эмас эди. Прапоршиклар мени жойимдан топмасалар, бошқа Баракларни излардилар. Сиёсий бўлим бошлиғининг кўрсатмаси бўйича менинг атрофимда йиғилган маҳбусларни тарқатиб юборардилар. Одамларни бирон нарса билан диққатини чалғитиш мақсадида лагерь бошлиғи уларни клубда сиёсий машғулотга йиғарди. Мен ҳач қачон бу машғулотларга бормаганман, аммо ҳеч нарсадан –ҳеч нарса йўқ жарима изоляторида ўтирганман.
Йигитлар клубдан қайтиб келишгач, ҳаммасини менга айтиб берардилар. “Коля амаки! Бошлиқ айтдики, тез орада катта амнистия бўларкан. Кўпчиликни озод қилишаркан. Яна у бизни шундай деб огоҳлантирди: “Бойкога ўхшаганларга ҳеч қандай амнистия қўлланилмайди. Ким Бойко билан яқин бўлса, уларга ҳам қўлланилмайди”.
Бошлиқ бу гапи билан кўпчиликни қизиқтириб қўйди, менга таниш бўлмаганлар ҳам менга яқинлаша бошладилар. Ўша машғулотдан кейин атрофимда кўпроқ одам тўпланадиган бўлди.
Ёнимда Хушхабар китоби бор эди. Маҳбуслардан бири бир неча марта Раббий ҳақида эшитгандан кейин, ҳақиқатга чин дилдан интилди. Мен унга Хушхабарни ўқишга бердим. У Хушхабарни бошдан охиригача ўқиб чиқди. Тавба қилди, нажот топганидан хурсандлигининг чеки йўқ эди. Энди у бошқаларга Масиҳ ҳақида қўрқмасдан гувоҳлик бера бошлади.
Энди лагерда иккита масиҳий бор. Бошлиқлар учун эса бу фавқулодда вазият ҳисобланади. Тавба қилган биродарни изоляторга ўтқаздилар. Бошлиқ унга дағдаға қилди: “Мен сени “охур” ғажишга мажбур қиламан!” (“Охур” – камера эшигида кичкина дарча, маҳбусга шу ердан овқат узатилади.) Мени ҳам 15 суткага жаримага ўтказдилар. Биродарим 15 сутка ўтиргандан кейин уни ишга олиб чиқдилар. У умидсизликка тушмади, аммо лагерь қоидаларига хилоф бўлса ҳам, ўша куниёқ биродаримни яна 15 суткага ўтқаздилар. Қоида бўйича маҳбус яна бир кеча Баракда тунагандан кейин яна жазо беришлари мумкин эди.
Маҳбусларни менинг атрофимдан қандай қилиб бартараф қилишни билмаган бошлиқлар зонага атеист маърузачини таклиф қилдилар. Ҳаммани клубга боришга мажбур қилдилар. Имонга келган биродарим билан ўзимизни бир четга олдик. Икковимиз хотиржам вазиятда суҳбатлашмоқчи эдик.
–Бойко, сиз ҳам маърузага боришингизни маслаҳат бераман, – деди менга зона бўйича масъул шахс.
–Қандай маъруза экан?
–Атеистик мавзуда.
Биз ибодат қилиб бўлиб, боришга қарор қилдик. Зал лиқ тўла экан, чунки навбатчилар ҳар бир Баракни айланиб чиқиб, ҳаммани клубга тўплаган эканлар. Лагерда мингдан ортиқ маҳбус бор эди.
Залга оператив қисм бошлиғи, сиёсий бўлим бошлиғи ва маърузачи кириб келди. У 28 ёшда, институтда атеизмдан дарс берар экан. Одатда, атеист маърузачилар замонавий илмий ютуқларга, табиат ҳодисаларига таяниб, Худо йўқ дея тингловчиларни ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Бу маърузачи ҳам шундай қилди. Кўриниб турибдики, у, мақсадимга эришдим, имонлилар энг зулматда юрган, ҳеч нарсадан бехабар одамлар эканига маҳбусларни ишонтирдим, деб ўйлади.
“Кўриб турибман: тингловчилар орасида асосан ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳеч қандай Худога ишонманг, – деб мурожаат қилди у аудиторияга. – Сизларнинг порлоқ келажагингиз – коммунизм! Гарчи сизлар жиноят қилган бўлсаларингиз ҳам, биз сизларни комммунистик руҳда тарбиялаймиз”.
Маърузачи шу жумлани бир неча марта такрорлади ва мамнуният билан якунлади.
–Савол мумкинми? – деб қўлимни кўтардим.
–Марҳамат.
–Кўриб турибман, сиз атеистсиз, демак, сиз Худога ишонмайсиз, руҳга ишонасиз.
–Йўқ! – деди у қатъий равишда. – Ҳеч қандай руҳга мен ишонмайман!
–Ундай бўлса, қандай қилиб сиз ёшларни коммунистик руҳда тариялай оласиз?
Тахминан уч дақиқа қулоқларни қоматга келтирадиган кулги жаранглаб турди.
Мен ўртага чиқдим. Кулги босилди. Мен маърузачидан маълум масофада турган эдим, у гапига тузатиш киритди:
–Мен ўзим нафас олиб турган руҳга ишонаман.
–Кечирасиз, лекин биз кислород ютамиз, карбонат ангридрид чиқарамиз…
Кулги баттар авж олди. Сиёсий бўлим бошлиғи маърузачини қўлламоқчи бўлиб: “Маъруза тугади, кетишларингиз мумкин”, деб эълон қилди.
Иккинчи кун маърузачини таклиф қилган майор менга деди:
–Эҳтимол, бу маърузачи бизга қайтиб келмаса керак.
–Кўрдингизми у Худонинг ва имонлиларнинг устидан ҳақорат билан кулганини? Худо оддий далиллар билан бу “улкан паҳлавон”ни мағлуб қилди. Бу – менинг хизматим эмас. У ҳаволаниб кетмаслиги учун менинг Худойим уни шарманда қилди.
–Балки, уни партиядан ўчиришар, – деб зорланди майор.
Ҳақиқатан, лагерда қайтиб маъруза уюштирмадилар, бошлиқлар билан суҳбатлар эса кўп бўлди.
Колония бошлиғи – полковник, Олий Кенгаш депутати – мени штабга чақирди ва менинг эътиқодим билан қизиқди.
Мен Муқаддас Китобга ихлос келтириб, қандай имонга келганимни, Кимга имон келтирганимни ҳикоя қилиб бердим.
–Лекин бизда имон–эътиқод учун суд қилмайдилар, бундай модда йўқ.
–Сизнинг қаршингизда эътиқод учун ҳукм қилинган ва диний оқимлар тўғрисида Конституцияга зид, қонунга қарши Қонунчиликни бузган одам турибди.
–Аниғи, нимани буздингиз?
–Қонунчилик амалда ҳар қандай диний фаолиятни таъқиқлайди: болаларни Худога хизмат йиғинларига олиб келиш мумкин эмас, мен эса болаларни олиб келдим. Ёшларни сувда имонга киритиш мумкин эмас, мен эса имонга киритдим. Хушхабарни ваъз қилиш мумкин эмас, мен эса ваъз қилдим.
Кейин мен диний эътиқод ҳақида Лениннинг гапларидан парча келтирдим.
–Ленин бундай деб айтмаган!
–Агар истасангиз бу матндан парчани Лениннинг тўла асарларининг учинчи нашри, 10–жилд, 66–саҳифасидан топишингиз мумкин. Яна 6–жилднинг 365–366–саҳифаларда “Деҳқонлар қашшоқлиги ҳақида” мақоласида ҳам шу ҳақда ёзилган.
–Яхши, текшириб кўраман, – деб менга диққат билан қаради ва ёзиб қўйди. – Агар сен нариги дунёга ишониб, ўлимдан қўрқмас экансан, ўзингни ос ёки ўзингни от, – деб у мени шайтоний васвасага солмоқчи бўлди. Мен унинг атеистик руҳи майиб–мажруҳлигини тушундим.
–Муқаддас Китобда: “…қўрқоқ, имонсиз, нопок, қотил, зинокор, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир” (Ваҳий 21:8) деб ёзилган.
Колония бошлиғи қайтиб мени чақирмади.
Зонада учрашиб қолганимизда у ҳар доим менга кулимсираб қарарди, чамаси мен парчанинг манзилини тўғри келтирганман, шекилли. Кейинроқ шуни билдимки, унинг биринчи хотини имонли бўлган экан, шунинг учун ташлаб кетган ва атеист аёлга уйланган экан.
* * *
Мен лагерда гранит палахсаларини юклаш билан шуғулланардим. Бу ишни қўлда бажариш жуда оғир. Дастлабки кунларда қўлим чидаб бўлмас даражада оғриди. Менга агар қўлларимни кесиб ташлашса, оғриқ босиладигандай бўлиб туюларди.
Назоратчи юклаш ишларини тезлик билан бажаришни талаб қиларди. Ишни уддалай олмаганларга, овқат нормангни пасайтираман, деб дағдаға қиларди. Бундай ҳолда нормани асло бажариб бўлмайди.
–О бошлиғимиз, тергов ва суд кетаётган пайтда мен олти ой ишламадим. Суддан кейин узоқ вақт қамоқхонада бўлдим, – деб тушунтиришга ҳаракат қилдим.
–Қара, одамлар қандай ишлаяпти! – деб бир озғин йигитни кўрсатди, у гранит тошларни даст кўтариб, осонгина машина бортига ирғитарди.
–Агар машхур оғир вазнли спортчини олти ой ювинди овқат билан боқишса, бунинг устига яна унга машқ қилишга имкон беришмаса, у майда тошни ҳам қийинчилик билан кўтаради.
Аммо бошлиқ тоймас одам экан. Мен ҳаддан ортиқ толиқишдан умидсизликка тушдим. Бирдан бир фикр хаёлимга келди: мен Раббий учун азоб чекяпман, маҳбуслар эса қилган жиноятларининг жабрини тортяпти.
“Эй Худойим, бу иш учун менда муҳаббат уйғотгин, мени мустаҳкамлагин”, деб ибодат қилдим. Раҳмдил, меҳрибон Худо мени эшитди: карерга келдим, гранит тошлар жуда енгилдай туюлди! Қўлларимга куч келди, қўлим унчалик оғримасди. Раббий менга сабоқ берди: бизнинг куч–қудратимиз – Раббий учун севги билан азоб тортишда экан! Асирликда бўлганимда пичоқ шикастлаган оёғим шишиб кетди, ана шунда мени гранит тошдан бардюрлар қилишга ўтказишди. Иш кўп, қўлда бажарилади, аммо гранит тошларни юклашдан осонроқ.
***
Шу тариқа икки йил ўтди. Лагерга комиссия келди, комиссия муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш бўйича келган экан. Мени штабга чақиришди. Кабинетга кирдим. Прокурор, лагер маъмурияти, отряд бошлиғи, сиёсий бўлим бошлиғи, судъя ўтиришган экан.
–Бойко, сизни муддатидан олдин озод қилишга чақирдик, – деди отряд бошлиғи.
–Кечирасиз, мен ариза ёзмаган эдим–ку.
Биринчи кунлардаёқ зонада менга ҳамкорлик қилиш учун ундашган эди. Ички тартибни сақлаш секциясига киришга таклиф қилишди. Бу секцияга аъзо бўлган маҳбус билагига қизил боғич боғлаб, зонада тартиб ўрнатишга ёрдам бериши керак эди. “Билагингга боғич боғлашинг билан, сени озод қилишади”, – деб ваъда қилишган эди. Мен эса уларга: “Ҳатто қўлимни ҳам текизмайман!” деб жавоб бердим. Аммо энди улар бошқа нарса билан мени аврамоқчи бўлишди.
–Сизнинг ўрнингизга мен ёздим! – деб мақатанди отряд бошлиғи.
–Бойко, си з ўзингизни айбдор деб ҳисоблайсизми? – деб сўради сиёсий бўлим бошлиғи.
–Жаноб судья! Муҳтарам маъмурият бошлиқлари! Вақти келади – нафақат мен – балки ҳаммангиз мени айбсиз деб биласизлар!
–Агар ҳамма тан олсалар ҳам, мен ҳеч қачон тан олмайман! – деб ўрнидан сакраб турди режим қисм бошлиғи капитан Москаленко.
–Вақти келади, сиз ҳам эътироф этасиз…
–Биз сизга озодлик таклиф қиляпмиз, ўзингизни айбдорман деб эътироф этинг! – деб мени ташвиқот қилдилар.
–Йўқ, мен айбдор эмасман.
Прокурор савол бермоқчи эди, аммо сиёсий бўлиб бошлиғи уни тўхтатди.
–Бу файласуфга соволингиз ҳайф. У ҳозир доҳийларнинг гапларидан сатр келтиришни бошлайди–да, кейин қайси саҳифасида, қайси жилдида ёзилганини айтади. Агар у ўзини айбдор деб тан олмаса, кетаверсин.
Мен кетдим.
* * *
Маҳбуслар лагер кутубхонасидан Худо ва имонлилар ҳақида айтилган китобларни ёки журналларни олиб келишарди.
Мен дафтарга қизиқ жойларини кўчириб олардим–да, ёнига ўзимни шарҳларимни ёзиб қўярдим. Тинтув пайтида ўша дафтарни тортиб олдилар. Мени режим қисми бошлиғи Москаленко чақирди.
–Бойко, бу сенинг ёзувингми? – деб сўради у.
–Кўрай–чи…Ҳа, меники.
–Буларнинг ҳаммасини Давлат Хавфсизлик Қўмитасига жўнатаман, – деб ҳар бир сўзига урғу берди.
–Марҳамат, бераверинг! 1962 йили менинг кўп нарсамни тортиб олишган, майли, буни ҳам ўқишсин, – кулиб дедим мен.
Лагерь бошлиқлари Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимларидан қўрқишади. Капитан мени ҳам қўрқади, деб ўйлади. Аммо менинг хотиржам турганимдан у ҳайратда қолди.
–Бойко, сенинг Худойинг қаерда, нимага У сени бу ердан олиб чиқмайди? Сен Унга ишонасан–ку!
–Биласизми, имонли профессор Марцинковский Владимир Филимонович “Азоб–уқубатлар мазмуни” китобида бир далилни тасвирлайди: у чор Россияси даврида қамоқхоналарга бориб, маҳбуслар орасида Хушхабар китобини тарқатар экан. Айтинг–чи, бизнинг замонда сиз қайси пулга Масиҳ ҳақида ваъз айтиш учун мени лагерга қўйган бўлардингиз? – Ҳеч қандай пулга! Қаранг, Худо вазиятни қандай донолик билан бошқаради: Сизлар қонунга қарши равишда мени жиноятчи сифатид ҳукм қилдингизлар. Бутун Совет Иттифоқидан жиноятчилар йиғилган лагерга олиб келдингизлар. Мен улар билан, сиз билан ҳам ҳеч қачон учрашмаган бўлардим!Аммо мен шу ердаман. Ваъз қиляпман. Сизлар мени қувиб юборолмайсизлар. Бунга ҳақларингиз йўқ. Мана бунга эътибор беринг: сизлар атеист бўлганингиз ҳолда, наҳотки диний адабиётларни ўқийдиган бўлиб қолган бўлсангизлар?! Аммо масиҳийча қўшиқлар, оятлар ёзилган дафтаримни сизлар тортиб олдингизлар. Энди дафтаримда ёзилган ҳамма нарсани ўқишга мажбурсиз – бу сизларнинг ишингиз.
Яна бир гап: сиз мени кабинетингизга чақириб, сен нима учун имонлисан, деб ҳисобот талаб қиласиз. Худо бор, абадий ҳаёт бор, абадий азоб–уқубат бор, деб сизга гувоҳлик бераётганимдан хурсандман. Хуллас, агар сиз тавба қилмасангиз, қиёматда Раббийнинг олдида турасиз, у ерда, Худо ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман, деб ёлғон гапира олмайсиз.
–Йўқол! Менинг кабинетимда ҳам ташвиқот қилади–я! – деб ғазабланди бошлиқ.
***
Лагерга келганимга уч йил бўлганда, якшанба кунларининг бирида қариндош–уруғларим учрашувга келишини кутаётган эдим. Баракнинг яқинроғида – таъқиқланган зонадан кейин автотрасса ўтган эди. Баракнинг иккинчи қаватидан йўл яхши кўриниб турарди, ҳатто қатъий тақиқланган бўлса ҳам, гаплашса бўларди.
“Николай, кимдир сенга келибди, трассадан чақиряпти”, – деб менга хабар қилишди.
Мен иккинчи қаватга кўтарилдим, Қарасам, Херсонлик биродарим Климошенко Николай турибди. “Валя қани?” деб сўрадим. У имо–ишора билан, ҳали келмади, деб тушунтирди. Кечгача ҳам Валя келмади. Учрашув бўлмади.
Лагерда ҳар якшанба кино кўрсатилади, аммо мен ҳеч қачон бормаганман.
“Қалай, “Кичик қочоқ” фильми сизларга ёқдими?” – деб сўради маҳбуслардан бири – менинг ҳамшаҳарим. У мендан бир оз нарида яшарди.
“Албатта”.
“Ҳадемай “катта қочоқ”ни кўрасиз”, – деб кулиб қўйди у.
Унинг гапига ҳеч ким эътибор қилмади.
Кечаси ҳамма маҳбусларни тревога бўйича оёққа турғизди. Сафга тортиб, икки марта санаб чиқишди. Қочибди! Маълум бўлдики, ҳазиллашиб “Ҳадемай “катта қочоқ” ни кўрасиз” деб айтган менинг ҳамшаҳарим йўқ.
Тревога қайтарилди. Энди ухлашга ётган эдим, навбатчи маҳбус келиб деди: “Бойко, сизни штабга чақиришяпти…”
Ибодат қилиб, кетдим.
–Иванни қаёққа гумдон қилдинг? – деб қочоқ маҳбусни номини айтди.
–Ухлаб ётган эдим, ҳеч нарсадан хабарим йўқ.
–Сен у билан дўстлашган эдинг–ку! Кундузи сенга кимдир келди, сен ўша одам билан гаплашдинг. Трассада биз машинани кўрганмиз. Иван қочиб кетишига сен ёрдам бергансан.
–Мен ҳеч нарсани билмайман.
Мени Баракка жўнатишди. Аммо эртаси куни ҳам, кейинги куни ҳам кечгача ҳам штабга чақириб, бўйнингга қўшимча муддатни илиб қўямиз, деб дағдаға қилдилар.
Қочиб кетган одамнинг муддати катта – 12 йил экан. Селектордан, ашаддий жиноятчи қочган, деб аълон қилишди. Излашга итларни қўйиб юборишди, аммо изини топиша олмади. Итлар бир жойда айланаверди.
Лагердан қочиб кетишнинг имкони йўқ. Винницадан бошлиқлар келишди. Икки тахминни илгари суришди: ё Бойконинг ёрдами билан у қочиб кетган, ёки Бойко Иванни қурбонлик қилган.
Уч кун бизни ишга олиб чиқмадилар. Ҳамма канализация туйнукларини очдик, ўт ўчириш ҳовузидан 50 куб сувни чиқардик, гўё мен қурбонлик қилган Иваннинг жасадини топишга умид қилдик. Ҳамма жойда синчиклаб текширув ўтказдик. Ҳеч нарса топа олмадик.
Бошлиқларнинг тахминича, мен вахтёрлар билан келишиб, унинг қочиб кетишига ёрдам берганман экан.
“Иван ўзи қочиб кетганига ишонмайман, – деди лагер бошлиғи. – Агар Бойко бўлмаса, қандай қилиб у қочиб кетиши мумкин?!”
Учинчи куни, Иван топилди, деб хабар беришди. Иванни поездда ушлаб олиб, лагерга қайтариб келишди. Бошлиқлар ҳайрон бўлганича уни сўроққа тутдилар:
“Қани кўрсат–чи, қандай қилиб қочиб кета олдинг?”
Иван жуда яхши спортчи экан. Қўриқчи вишкага томон юриши билан, у осонликча хода ёрдамида таъқиқланган зонадан сакраб ўтган. Изини яшириш учун хода билан дарё бўйлаб кетаверган. Кечув жойини топиб, ходани ўша ерда ташлаган. Станцияга келиб, поездга ўтиргану жўнаган. Козлятино станциясида у қаерга кетаётганини билиш учун вагон ойнасидан қараган. Уни темир йўлчилар кўриб қоладилар, чунки биринчи навбатда, ашаддий жиноятчи қочди, деб уларни огоҳлантирганлар.
Иванга қочгани учун кучайтирилган режимда қўшимча муддат беришди. Албатта, Иванни сўроқ қилишди:
–Сенга Бойко ёрдам бердими?
–Бойко ҳатто менинг режаларимдан тамомила бехабар бўлган.
Шундан кейин бошлиқлар менга муносабатини ўзгартирдилар, “Қўшимча муддат берамиз! Қамоқда чиритамиз!” деган дағдағаларни бас қилдилар.
* * *
Лагерда темир–бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех ва унинг ёнида – иссиқхона бор эди. Бу ерда хизмат қиладиган сантехник озод бўлди, бошқасини топа олмадилар. Қаровсиз қолган асбоб–ускуналар яроқсиз ҳолга келиб қолди. Цехни авария ҳолатида, ёпамиз, деб хавф солдилар. Бошлиқларни ташвиш босди: айнан шу цех лагерга катта даромад келтирарди. Мени таклиф қилишга қўрқардилар. Чунки ишимда: “Оғир ишларда фойдаланилсин”, деб ёзиб қўйилган эди. Улар узоқ вақт ўйлаб, бу масалани ҳал қилдилар: мен у ерда сантехник ва ўт ёқувчи сифатида ишлайдиган бўлдим, ёзда эса ремонт қиладиган бўлдим. Иссиқхонада ишлаш, албатта, гранит ташигандан кўра, анча енгил эди. Шундай қилиб, қаттиқ кўрсатмаларга қарамай, Раббий лагердаги ҳаётимни енгиллаштирди.
Лагерга туташиб кетган посёлкада иссиқхона ишдан чиқибди. Қиш. Совуқ.
–Бойко! Бизда кўнгилсиз ҳодиса юз берди. Ёрдам беринг. Посёлкадан аёллар хабар бердилар: агар иссиқхонани тузатиб бермасак, болаларни иситгани бизнинг кабинетга ўтказишар экан.
–Посёлка – зонадан ташқарида–ку! Иссқхона козони қанақалигини ҳам билмайман, – деб айтдим.
–Сизни олиб борамиз, кўрасиз.
Соқчи назорати остида мени посёлкага олиб боришди. Қозонларни қараб чиқдим: оддий, чўяндан қилинган, улар вақтида ювилмагани учун тагига қасмоқ ўтириб қолган, оқибатда қозон тагидан эриб тушган. Чўянни пайванд қилиб бўлмайди, қозонни алмаштариш керак.
–Бойко, биз Вознесенскка телефон қилдик, у ердан хабар беришларича, сиз қозонларни тузатган экансиз. Бизникини ҳам тузатиб берасиз.
–Қозонни назорат қилувчининг текширувисиз ҳаққим йўқ.
–Бу бизнинг муаммомиз. Қозонни тузатиб берасиз.
Мен рози бўлдим. Посёлкага мени соқчи билан олиб боришди. Мен ҳамма конструкцияларни кўриб чиқдим, хуллас, лагердаги қозонни қилиб бердим. Бу қозонни посёлкадаги иссиқхонага олиб келдилар. Қозонни ўзим ўрнатиб, ўзим ёқдим – Худога шукр, иситяпти! Ҳамма хурсанд, менга ишлаш осонроқ бўлиб қолди. Сургунга жўнагунимга қадар лагерда сантехник бўлиб ишладим.
VIII
боб
Беш йиллик қамоқ жазоси тугагандан кейин мени қатъий
режимдан Винница вилоятидан Красноярск ўлкасидаги Бириллюса
посёлкасига сургунга жўнатдилар. Келганимдан кейин посёлка
бошлиқларидан ҳеч кимни топа олмадим, тунни ўтказиш учун
посёлканинг бу бошидан– нариги четигача кезиб чиқдим. Аҳолидан
ҳеч ким мени қабул қилишни истамади, чунки олдиндан мен тўғримда
ёмон миш–мишлар тарқатилган эди.
“Бўм–бўш сарой бор, бориб ўша ерда тунагин”, – деб маслаҳат беришди. Бориб қарасам, саройнинг ичи тўла калумуш. Одамни ваҳима босади. Энг четдаги уйга бориб, уй эгаларидан озгина сомон сўрашга қарор қилдим. Ёмғир бошланиб қолди. Уй эгалари сомонни ғарам қилиб беришди.
–Сомон сенга нима учун керак?
–Саройга тўшаб ётаман, зах ерда ётмаслигим учун…
–Қаердансан?
–Узоқдан. – Уларга кимлигимни, нима учун посёлкага келганимни айтиб бердим.
–Нима, Худога ишонасанми?
–Ҳа.
–Бир имонли бу ерда сургунда бўлган эди. Бизнинг уйимиз ёнида яшаганди…
–Агар мумкин бўлса, отхонангизда бир кечага тунай, саройда каламуш кўп экан..
–Ҳозир, хотиним билан маслаҳатлашай–чи.
Уй эгаси тезда қайтиб келди:
–Хотиним рози бўлди, фақат бир кечага.
Мен уларникида тунаб, эрталаб посёлка совети раисиникига бордим. У менинг ҳужжатларимни синчиклаб текширди, узоқ сўраб суриштирди:
–Жуда қаттиқ ичасанми?
–Мен ичмайман.
–Бу ерда яқинда иссиқхонани, электростанцияни, учта дизелни портлатиб юборишди, ҳаммаси ичкилик оқибатида бўлди. Мен жиддий сўраяпман: қаттиқ ичасанми?
–Мен ҳеч ҳам ичмайман.
–Қўйсанг–чи, мен ҳам ичаман. Ичмайдиган одамнинг ўзи йўқ!
–Сизнинг посёлкангизда ичмайдиган биринчи одам мен бўламан.
–Кўрамиз.
Кейин мактаб иссиқхонасига ўт ёқувчи қилиб тайинлади. Улар узоқ вақт текширдилар, қўлларидан келгунча васвасага солдилар, ниҳоят ичмайдиган одам ҳам борлигига ишондилар. Вақт ўтиб, посёлкада Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг ходими пайдо бўлди ва “бу одам атрофига болаларни ва ёшларни тўпламасин”, деб мактаб директорини огоҳлантирди. Шунга қарамай, болалар билан суҳбатлашиб турардим.
* * *
Бир оз вақт ўтиб, хотиним Валя фарзандларимдан иккитасини олиб етиб келди. У шаҳримиздаги биродарлар ва сингилларни таъқиб қилиш ҳали тўхтамаганини бир бошдан айтиб берди. Хотиним бутун оиламиз билан менинг олдимга келишни ҳам ўйлади, аммо Бирилюсса посёлкаси хилватда жойлашган эди, бу ерда асосан қариялар яшайди, ҳаммаси ичади. Баҳорда посёлкани сув босди, одамлар ёғоч катларда юришарди, болаларни мактабга қайиқда олиб боришарди.
* * *
Сургунда олти ой ўтди. Аҳоли менга кўникиб қолди. Давлат Хавфсизлик Қўмитаси одамлари айтганидай мен унчалик қўрқинчли эмаслигимга улар ишондилар. Болалар иссиқхонага менинг олдимга келишарди. Мактаб директори, завуч ва ўқитувчилар мен билан суҳбатлашиш учун мўралаб қўярдилар. Мен ишлайдиган иссиқхонага яқин жойда автобус бекати бор эди. Бир гуруҳ талабалар – (улар тахминан 18 тача бўлиб, таътилда ота–оналари олдига келган эдилар) автобус кутиб, совуқдан титраганларида, уларни таклиф қилдим. Улар автобус келаётганда хабар бериш учун биттасини қолдириб, қолганлари менинг хонамга киришди. Иккитаси ичиш тараддудига тушиб қолдилар.
–Болалар, ичиш – гуноҳ–ку! – деб уларни тўхтатдим. – Иссқхонада ичмайдилар ҳам, чекмайдилар ҳам.
–Қанақасига гуноҳ? Олимлар Худога ишонмайдилар, биз ҳам ишонмаймиз!
Талабалар италиялик материалист файласуф Жордано Брунони эсладилар. (У 1548 – 1600 йилларда яшаган.)
–Биласизларми, 1600 йили Римда оловда ёнаётганда қандай сўзларни айтган?
Уларнинг биронтаси бу ҳақда билмас экан.
–1911– 1986 йилларда яшаган Австриялик файласуф Холличернинг “Оламнинг илмий манзарасида табиат” китобида Жордано Брунонинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Мен жафокаш сифатида жон беряпман, руҳим эса бу оловдан жаннатга кўтарилмоқда”. Сизлар Жордано Брунони материалист деб ҳисоблайсиз, у эса руҳ бор деб ишонган.
–Биз ҳеч қачон бу ҳақда эшитмаганмиз.
–Кутубхонадан бу китобни топиб, танишинглар. Физиканинг отаси Исак Ньютон, бутун самовий механизмга биринчи турткини Худо берган, деб очиқ айтган эди. Сизлар эса, олимлар Худога ишонмайдилар, деб ҳисоблайсизлар.
–Менга қаранг, сиз мабодо баптист эмасмисиз? – деб сўради улардан бири.
–Ҳа, баптистман.
–Дўстлар! Ҳаётимда биринчи марта тирик баптистни кўриб турибман! Эшитищга эшитардиму, аммо кўрмаган эдим.
Бекатда пойлаб турган йигит: “Автобус келяпти!” деб бақирди. Ҳаммалари кўчага югуриб кетдилар.
* * *
Мени бир куни касби ўқитувчи бўлган қишлоқ паркоми суҳбатга чақириб қолди. У ҳамма нарсадан хабардорлигини намойиш қилиб деди:
–Серфарзанд одамсан, фарзандаринг у ёқда, сен эса бу ерда ўтирибсан. Шу имонинг сенга нимага керак?! Бир ўзинг бутун давлатимизга қарши боряпсан. Агар ўзингнинг қарашларингни ўзгартирганингда эди, аллақачон озодликда юрган бўлардинг.
–Мен чуқур эътиқодли масиҳийман, Худога ишнаман!
–Сен ҳаётимиз оқимига қарши боряпсан!
–Фақат ўлик балиқ оқим бўйлаб сузади. Мен тирик масиҳийман, шунинг учун виждоним билан ҳеч қандай келишувга бормайман.
Партком суҳбатимизни эслаб қолди. Посёлкада неча марта учрашган бўлсак, у ҳар доим “Ўлик балиқ…” деб кулиб қўярди.
***
Қолган олти фарзандим бу ерга келиб, сургунда мен билан яшай бошлади. Мактабда яхши ўқишар, усти–боши бут эди. Уй ишларида менга ёрдам беришарди: ўтин ёришарди, сув олиб келишарди. Сибирнинг қаттиқ совуғида маҳаллий аҳоли совқотар, менинг болаларим эса совқотишмасди. Термометр устуни 54 градусни кўрсатарди.
“Ўҳ, жанубликларни қаранглар–а!” деб ҳайрон бўларди одамлар.
“Менинг фарзандларим – икки қават кийимда! Уларни Худо иситади ҳам, сақлайди ҳам”, деб уларга гувоҳлик берардим.
Менинг уйимда Худога хизмат йиғини бўларди. Бу посёлкадаги Новосибирсклик биродарларим икки сингилни имонга киритдилар, иккитаси Худога яқинлашди. Худога хизмат пайтида фарзандларимдан қайси бири мандолина чалар, бири балалайка, яна бошқаси гитара чаларди (уйимда иккита гитара бор эди).
Худонинг Каломини эшитгани фарзандларимнинг синфдошлари ҳам келишарди. 15 ёшли қизча йиғиндан кейин уйига борганда, маст отаси уни ҳайдаб юборибди. У одам коммунист, партизан экан.
Қизча бизникига қайтиб келди. Унинг онаси имонлиларга ёмон муносабатда бўлмасди – бу эса худосиз отани баттар ғазаблантирди. Ота менинг устимдан Давлат Хавфсизлик Қўмитасига шикоят ёзди, гўё мен уйма–уй юриб, одамларни ўзимнинг мазҳабимга тортаётган эмишман.
Посёлка аҳолисидан кимдир электр розеткасини ремонт қилишга, кимдир кир ювиш машинасини ремонт қилишга таклиф қиларди. Баъзилари сувоқ ишлари учун илтимос қиларди, мен ҳеч кимга йўқ демасдим. Қилган ишим учун ҳеч кимдан пул олмасдим. Менга ароқ таклиф қилганларида ҳам ичмадим. Ҳар бир уйга кирганимда Раббий ҳақида, нажот ҳақида ҳикоя қилиш имкониятини қўлдан бермадим.
Посёлкага Хавфсизлик Қўмитаси ходими келиб, шикоятда кўрсатилган адрес бўйича кетди. Аҳоли, Бойко бизнинг илтимосимизга кўра келди, бизга нимададир ёрдам берди, деб гувоҳлик бердилар. Шу билан бирга яширмасдан, Бойко Худо ҳақида ҳам гапирди, деб айтишди. “У бизни ҳеч нарсага тортмади”, деб ишонтирдилар. Мактаб директори, ўқитувчилари мен ҳақимда ижобий гаплар айтдилар. Собиқ партизаннинг шикояти тасдиқланмади. Кейинроқ Хавфсизлик Қўмитаси ходими яна келиб, мен мазҳабга “жалб этган”ларни излади, аммо топа олмади.
Талабалар Бирилюссдаги уйларига каникулга келганларида, менинг уйим ёнидан ўтаётиб, мусиқа асбоблари ва қўшиқ овозини эшитибдилар. Улар мен билан гаплашишни жуда ҳам истабдилар. Улардан биттаси, клубда йиғилишиб, Бойкони таклиф қилайлик, деган ташаббус билан чиқибдилар. Суҳбатимиз ярим тунгача давом этди. Кечаси соат икки бўлганда ҳам, ҳеч ким чарчадим, кетайлик, деб айтмади. Раббий ҳақида гувоҳликни, мен тавба қилганим ҳақида эшитиб ўтирдилар. Рождествода ёш йигит–қизлар мени яна клубга таклиф қилдилар. Клуб мудири ҳам қизиқиб қолган экан:
–Эшитишимча, сиз гитара чалар экансиз.
–Унчалик яхши эмас, аммо чаламан.
Мен ўзимнинг гитарамни олмадим, улар ўзларининг етти торли гитарасини олиб келишди. Мен стол ёнига ўтириб, “О, мен нақадар гуноҳкорман”, деган қўшиқни куйлаб бердим.
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Клуб мудири ким биландир гаплашаётган эди, мен эса куйлашда давом этдим. Кейин у телефон гўшагини гитарага яқин олиб келди. Нариги томондан кимдир тинглади. Мен қўшиқни тугатганимдан кейин, клуб мудири у томонда тинглаётган одамдан сўради:
–Хўш қалай?
–Зўр!
–Топ–чи, ким чалиб, қўшиқ айтди экан? Барибир топа олмайсан. Бу авлиё Коля амаки!
Бизни ўқитувчи аёлнинг қизи ҳам эшитган экан, суҳбат давом этаётганда, у ҳам эри билан келди. Улар мендан ўша санони куйлашимни илтимос қилишди. Мен “Ҳаммаси бошқача бўлади”, “Раҳмдил табиб Масиҳ” саноларини айтиб бердим. Бу пайтда соат стрелкалари соат иккини кўрсаттиб турарди.
–Коля амаки, бизга шу қўшиқни ёзиб берсангиз, биз ҳам ёдлаб куйлаган бўлардик. Мен дарров ёзиб бердим. Кейинги куни улар: “Кун бўйи биз ҳам ишладик, ҳам сизнинг ажойиб қўшиқларингизни тингладик”, деб мақтандилар.
Клубда ўтказилган кеча тўғрисидаги хабар бошлиқларга тезда етиб борибди. Посёлка кенгашига тумандан зудлик билан райком партия котиби, райкомкомсомол котиби, милиция бошлиғи етиб келишди. Ёшлар клубда шундай йиғин уюштирганлари учун, улар ёшларга қаттиқ танбеҳ бердилар. Иккита имонли сингилни посёлка кенгашига чақириб, шундай дедилар: “Ибодатга борганларингиз учун сизларга жарима соламиз, Бойкони эса яна суд қилиб, янги жазо муддати берамиз”.
Сингиллар ҳаммасини оқизмай–томизмай менга етказишди.
–Эҳтимол, мени ҳам чақирсалар керак, – деб гумон қилдим мен.
–Биз хам шундай деб ўйлаймиз, чунки биз чиқиб келаётганимизда, у ерда посёлка кенгаши фаолларидан бир неча одамларни кўрдик.
Айтганимдай бўлди. Мени олиб кетгани келдилар. Мен ибодат қилиб, кетдим. Кабинетга олиб кирдилар, ҳар хил таъналар, таҳдидлар.
–Сени сургунга тузалсин, деб жўнатганлар, сен нима қиляпсан ўзи? Ташвиқот қиляпсан. Ғояларингни ваъз қилиш билан шуғулланишингни қатъиян таъқиқлаймиз.
–Мен имонлиман, мана шу чет ўлкага сукут сақлаш учун эмас, балки тавба қилмасангизлар, ҳалок бўласизлар, деб айтиб бергани Худо томонидан юборилганман.
–Уйингда биронта ҳам бут бўлмасаю сен қанақа имонлисан?
Муқаддас Китобга асосланиб, нима учун бутларга топинмаслигимни узоқ вақт тушунтирдим.
–Нима, сен Худони кўрганмисан У ҳақда ваъз қиляпсан? – деб сўради милиция бошлиғи. Мен деразадан қарадим, кўчада унинг машинаси турган эди.
–Анови машина, эҳтимол, сизники бўлса керак? – деб сўрадим мен.
–Меники.
–Айтинг–чи, машинангизнинг ўзи пайдо бўлганми ёки унинг конструктори борми?
–Албатта бор.
–Ишонч билан гапиряпсиз – конструкторни кўрганмисиз?
У жим қолди.
–Биз суҳбатлашиб турган мана шу посёлка кенгаши биносининг бош лойиҳасини тузган, тасдиқлаган архитектори ҳам бўлса керак?
–Бор, – дея жавоб беришга мажбур бўлди у.
–Коинотнинг ҳам Конструктори бор. Сизлар саводли одамларсиз – оламда бирон нарса ўзича келиб чиқмайди, ўзича йўқолиб кетмайди – буларни биласизлар. Коинотнинг Яратувчиси бор, У ҳамон қудратли ўнг қўли билан бутун Оламни ушлаб турибди, гарчи сизлар Унга ишонмасангизлар ҳам. У сизларни севади, ерга ёмғир юбориб, сизлар ҳақингизда ғамхўрлик қилади, токи инсонларга яхши бўлсин деб. Бунинг устига, Худо Ўзининг Ўғли Исо Масиҳни ер юзига юборди. Исо Масиҳ сизларнинг ва менинг руҳим ҳалок бўлмасин, деб бизнинг гуноҳларимиз учун Гўлгўтада хочда ўлди.
Суҳбат чўзилиб кетди. Қандайдир иш учун посёлка кенгашига таклиф қилинган одамларнинг сабр–тоқати тугади.
–Сизлар фақат Бойко билан шуғулланяпсизлар! Агар биз сизларга керак бўлмасак, бизни қўйиб юборинглар!
Бошлиқлар безовталаниб қолдилар, у одамларни ҳам иш билан чақиртирган эдилар, энди ишга киришдилар.
–Бўлди Бойко! Сиз билан узоқ гаплашиб ўтиришга вақтимиз йўқ! Агар ташвиқот билан шуғулланадиган бўлсангиз, бошқатдан жазо муддати белгилаймиз!
–Бу сизларнинг ишингиз.
–Нима, Одессага қайтиб боришни хоҳламайсанми?
–Мен Одессада ваъз қиламанми, ёки Бирилюсада ваъз қиламанми – менга фарқи йўқ.
Шу суҳбатдан кейин бир неча ой ўтди. Менга чақирув қоғози келди – туман судига боришим керак экан. У ерга боришим учун 30 километр йўл босишим керак эди. Уйимда посёлкадан бир имонли сингил бор эди. Болаларим, ўша сингил ва мен тиз чўкиб, ибодат қилдик. Мен йўлга тушдим. Етиб келдим ҳам. Етиб келганим ҳақида ахборот бердим. Кабинетга мени чақирдилар. Аёл судя сўради:
–Қайси модда бўйича сургун қилингансиз?
Бу қонун билимдонларига диний оқимлар ҳақида, Қонунчилик ҳақида айтиб бердим, гарчи бу инсонийликка зид, мамлакатнинг асосий қонунига қарши бўлса ҳам. Улар менинг гапимни бўлмадилар. Мен қалбим амри бўйича Масиҳ ва нажот тўғрисида гувоҳлик бердим. Улар менинг гапларимни узоқ тингладилар, аммо суд жараёнида бундай ҳодиса камдан–кам бўларди.
Сиз ҳозир ҳам ташвиқот билан шуғулланасиз–ку! Шу учун сизни суд қилишган, энди яна суд қилиш керак.
–Бу сизларнинг ишингиз.
Мен уйда эканман, ибодат қилдим ва ичимда янги муддатга ўзимни ўзим чоғладим. Суд таркибида қандайдир англашилмовчилик юз берди, мен гувоҳликни давом эттиришга қарор қилдим.
–Биласизларми, мен ҳозир сизларга Нажоткорингиз Масиҳ ҳақида, мен чиндан ҳам ишонадиган Худо ҳақида сизларга гувоҳлик бердим, мендан сўраган одамларга ҳам худди шу тарзда ҳикоя қилиб берган эдим. Мен одамлар Худога ишонсин денб биронтасини мажбур қилмаганман.
–Бас қил! Бор, чиқ!
Мен ташқари чиқиб, анча кутдим. Чамаси, улар қаергадир телефон қилдилар, ким биландир келишдилар, кейинроқ билишимча, менинг масалам ҳал қилинган экан.
Мени кабинетга таклиф қилиб, эълон қилдилар:
–Гап бундай, Бойко. Бу ерда сувни лойқалатиб юрма, бизнинг ёшларимизни йўлдан урма. Бу ердан йўқол! Сенинг муддатинг тугади.
Красноярск ўлкасига мени этап билан уч ой давомида олиб келишган эди. Қонун бўйича, этапнинг бир куни сургуннинг уч кунига ўтарди. Демак, этапнинг уч ойи ҳисобига сургундаги тўққиз ой олиб ташланган. Бунинг устига, суд қарори билан мендан бир неча ойни ҳам олиб ташлашибди, шундай қилиб, мен сургунда беш йил эмас, тўрт йил бўлдим.
Мактабдаги машғулотлар тугаши билан фарзандларим билан Одессага қайтиб келдим. Бу озодлик кутилмаганда юз берган эди. Мен янги жазо муддатларига тайёрлана бошладим, аммо Худо бошқача режа тузган эди. Буларнинг ҳаммаси учун Нажоткоримдан миннатдорман.
IХ боб
Озодлик…Аммо руҳим хотиржамликни, дабдабали ҳаётни ва дам олишни истамасди. Қалбим азизлар билан, Масиҳдаги яқин биродарларим билан мулоқотга интиларди.
Шодиёна учрашувлар қайғу билан алмашди: мен озодликка чиққунимга қадар Одесса шаҳридаги жамоатлардан бирининг хизматчисини қамоққа олган эканлар. Олдинда дам олиш эмас, балки Худонинг ишига душманлик қилувчилар билан шафқатсиз жанг турганини тушундим. Бу дегани – яна Давлат Хавфсизлик ходимларининг таҳдидлари, яна чақирувлар ва навбатдаги қамоқ дегани эди.
Кўп ўтмай жамоатда жамоат оқсоқоли хизматига қўлни қўйиш масаласи етилиб қолди. Икки номзодни, жумладан, менинг номзодимни ҳам илгари сурдилар. Одесса жамоати 100 дан ортиқ аъзони санади. Мени, хизмат олиб боришга лойиқманми, деган хавотирлик босарди. Юрагимда, агар жамоат аъзоларидан биронтаси менга қўл қўйишларига қаршилик қилмаса, демак, Худо мени даъват қилади, деган ишонч уйғонди.
Аъзолар йиғилишида овоз беришда биронта ҳам эътироз бўлмади, фақат бир кекса сингил бетараф қолди, чунки у мени билмасди. Шундай қилиб, жамоат ва хизматчилар қавмбошилик хизматини олиб боришим учун мени марҳаматладилар.
Менга қўлларини қўйганларидан кейин мен ёшлар йиғинига келиб, шундай деб илтимос қилдим: “Азизларим! Худонинг ишлари учун ғайрат қилинг! Ҳамма жойда имкон қадар қаерга бора олсангиз, имонлилар ҳузурига ташриф буюринг. Ҳамма жойда хушхабарни ёйинг, нажот топишни ваъз қилинг. Ҳар қандай яхши ташаббусни Худонинг хизматчилари билан маслаҳатлашинг – биронта муқаддас иш беҳуда қолмайди”.
Ёшлар руҳан дадиллашдилар. Ёшлар хори, оркестр ташкил қилинди. Ёш биродарлар Худога хизмат пайтида ваъз қилдилар. Нон синдириш маросимидан кейин кечки якшанба хизматини тўлиғича ёшлар олиб бордилар. Бундан ташқари, улар атрофимиздаги таъқибда юрган биродарлар ҳузурига ташриф буюрдилар, имкони бўлган жойда хушхабарни ёйдилар.
Бу ишлардан Хавфсизлик Қўмитаси дарров хабар топди. Ёшларнинг руҳий ҳаёти сезиларли даражада жонланганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, мени район ижроия қўмитасига чақирдилар.
–Қандай асосга кўра сизни жамоат оқсоқоли қилиб сайладилар? Нима учун район ижроия қўмитаси билан, диний ишлар вакили билан маслаҳатлашмадилар?
Улар менинг жавобимни кутмасдан, қўлимга бланка тутқаздилар ва дарров тўлдиришимни талаб қилдилар. Бланкани ўқиб, уларга шундай дедим:
–Жамоат – ташкилот эмас, мен эса администратор эмасман. Манови бланкани тўлдириш билан диний хизмат бўйича сизлар талаб қилаётган масалага мен жавоб бера олмайман. Сизлар мендан буни талаб қила олмайсизлар.
–Сиз Худонинг хизматчиси эканингизни тасдиқлайдиган ҳужжатингиз йўқ, шунинг учун сиз биз учун ҳеч ким! Биз сизни тан олмаймиз, шунинг учун сиз Худога хизматни олиб бора олмайсиз!
–Жамоат давлатдан ажралган, шу боис Худога хизмат қилишда кимни қавмбоши қилиб сайлашни ўзи ҳал қилади.
–Ёшлар ва болалар сизнинг йиғинингизда иштирок этишларини қатъий таъқиқлаймиз!
–Бу масалаларни жамоат мустақил ҳал қилади. Ибодат уйининг эшиклари ҳамма учун очиқ!
* * *
Мени район ижроия қўмитасига чақиришда давом этдилар, бунга баҳона ҳам топдилар, масалан, “жамоат аъзоларининг ҳаммаси биринчи май намойишига чиқиши” учун якшанба хизматини бир соат кейинга кўчришимизни талаб қилдилар.
* * *
Жамоатнинг руҳий ҳаёти асло тўхтаб қолмади. 1979 йилнинг 2 майи куни Одессадаги масиҳийлик жамоатига Молдавия ва Украинанинг қўшни вилоятларидан 600 имонли келди. Ибодат уйидан курсиларни олиб чиқишди. Ёшлар елкама–елка туриб, бутун зални тўлдирди. Жойнинг торлиги руҳнинг эркинлигига ҳалақит бермади.
Йиғинимиз бошланиши билан диний ишлар бўйича вакил, Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари, милиция кириб келди.
–Қанақа йиғин бу?! Тезда тарқалинглар! – деб буйруқ берди микрофон орқали диний ишлар вакили. Ўзбошимчалар олдинга ўта олмасин деб имонлилар бир–бирларига янада жипслашиб туриб олдилар. Закарпатьелик циган биродар ваъз қилаётган эди. Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи мегафон орқали менга мурожаат қилди:
–Бойко, бас қилинглар! Одамларингизни тарқатиб юборинг, ҳаммаларингиз тарқалинглар!
–Кечирасиз, бу ерда Худога хизмат йиғини боряпти. Тартибни бузманглар!
–Бойко, бу ёққа келинг!
Хизматчилар билан маслаҳатлашиб, бирга ибодат қилдик, мен Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи олдига келдим. (У залга кираверишда эшик олдида турган эди.)
–Ўн беш минутдан кейин бу ерда ҳеч ким қолмасин!– деди у менга.
–Мен жамоатнинг хизматчисиман, сизнинг талабингизни имонлиларнинг ҳукмига таклиф қилишим мумкин. Улар қандай қарор қилсалар, шундай бўлади.
Минбарга келиб, эълон қилдим:
–Биродарлар, сингиллар! Шаҳар маъмурияти 15 дақиқа ичида тарқалиб кетишимизни талаб қиляпти.
–Тарқалмаймиз! – деб бир овоздан жавоб беришди йиғилганлар. Мен воизга мурожаат қилдим:
–Биродар, гапингизни давом қилдиринг.
Циган биродар гапида давом этди.
–Бас қил! – деб бақирди Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи.
–Мен ҳали имонга келмаганимда, ўғирлик қилдим, сизлар эса менга бундай қилма, деб таъқиқламадингизлар. Энди Масиҳ ҳақида ваъз қилаётганимда “Бас қил!” деб бақиряпсиз. Мен циганман, мана паспортим!
–Ўн беш дақиқа вақт бошланди! – деб шиддат билан такрорлади бошлиқ.
Йиғин давом этаверди. Тартиббузарлар залга киришга уриндилар. Имонлилар эса қўлни қўлга бериб мустаҳкам туравердилар.
–10 дақиқа қолди! 5 дақиқа қолди! – шу сўзларни айтгандан кейин Давлат Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи “ишни бошлаш”га буйруқ берди. Милиция ходимлари қатъият билан турган имонлиларни сиқишга уриндилар. Ибодат уйининг деворлари бундай сиқувга бардош бера олмасдан қулаши мумкин эди. Мен Худодан, шунисидан ўзинг сақлагин, деб сўрадим.
Аскарлар қайси бир сингилнинг қўлидан, қайси бирининг сочидан тортдилар, биродарларнинг қўлларини қайирдилар. Имонлилардан кимдир: “Кўчага чиқамиз!” деб бақирди.
Милиция ходимлари шу зоҳотиёқ чекиниб, кўчага чиқаётганларни кўздан кечира бошладилар. Менинг ёнимда баланд бўйли биродар турган эди. У менга: “Орқамдан юринг!” – деб айтди. Мен кўчага чиқиб, имонлилар орасида қолдим. “Сизни излаяптилар! Уларга фақат сиз кераксиз! Тезда кетинг!” дедилар биродарлар.
Мен ибодат қилиб, имонли биродаримизнинг ёнимиздаги уйига кетдим. Менга, саккизта биродаримизни КПЗга олиб кетишди, деб хабар беришди. Мен уларга, ушланган биродарларни озод қилмагунларича, тарқалманглар, деб илтимос қилдим.
Ҳамма биродарлар кўчага чиқдилар. Уларнинг орасида мен йўқ эдим. Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходими жамоат оқсоқоли гувоҳномаси бор хизматчига, имонлиларни тарқатинг, деб буйруқ берди. Жамоат оқсоқоли: “Қулоқ солинглар, тарқалинглар…” деб кўндиришга уринди. Аммо зиммаларига масуълиятни олган биродарлар мақсадларини билдирдилар:
–Агар ушланганларни қўйиб юбормасангизлар, ҳаммамиз шаҳар милиция бошқармасига борамиз!
Бораверинглар! Бу ерда сизларнинг одамларингиздан бор…
Давлат Хавфсизлик Қўмитаси бошлиғи, имонлилар намойиш қилиб
қолмасинлар, деб, ушланганларнинг ҳаммаси ибодат уйига олиб келинсин, деб буйруқ берди. Шундан кейин биродарлар ва сингиллар ибодат қилиб, шаҳар бўйлаб тарқалиб кетдилар ва имкони борича Масиҳ ҳақида гувоҳлик бердилар.
* * *
1980 йили мени дин ишлари бўйича вакил ҳузурига чақирди. Мен билан бирга икки биродар келди.
–Булар кимлар? – деб сўради у;
–Жамоатнинг элчилари, менинг биродарларим, – деб жавоб бердим мен.
–Улар кетаверсин.
–Улар кетса, мен ҳам кетаман.
–Мен сиз билан ёлғиз гаплашмоқчиман.
Икковимизнинг суҳбатимизни бутун жамоат билади. Худонинг халқидан менинг яширадиган сирим йўқ.
Вакил биродарларнинг иштирокида суҳбат олиб боришга мажбур бўлди. У ҳаммамизга маълум бўлган эътирозларни – нима учун болалар Худога хизмат йиғинларида иштирок этяптилар? Нимага ёшлар ҳар томонга тарқалиб ваъз қиляптилар? Нимага жамоатни рўйхатдан ўтказмадингизлар? каби эътирозларни рўкач қилди. Кабинетда яна бир нотаниш одам бор эди. У диний ишлар бўйича вакилга мурожаат қилди:
–Бойкога бир неча саволларим бор, мумкинми? – Вакил рухсат берди.
Нотаниш одам диний мавзуда бир неча саволлар берди, мен ҳам жавоб бердим.
–Илтимос, телевидения учун интервью берсангиз.
–Сир бўлмаса, айтинг–чи, сиз кимсиз?
У фамилиясини айтди.
Ниҳоят мен ҳақимда ғийбат гапларни ёзган ва телевидения орқали нохуш гапларни айтган одамни кўрдим! Мен, интервью беришга розиман, агар шу зоҳоти эфирга узатиладиган бўлса, деб рози бўлдим.
–Бунақаси кетмайди…
–Нимага? Сиз қанақа саволлар беришингизни мен билмайман. Мен жавоб беришимни сиз билмайсиз. Келинг, очиқчасига гаплашайлик, одамларнинг ўзлари билиб оладилар.
–Йўқ! Йўқ! – деб рад қилди у.
Мен тушундимки, телевидения аср ҳукмдорларининг манфаатларига жаво берадиган нарсаларнигина беради. Эфирга чиқадиган воизлар шу нарсани ҳисобга олишлари керак: агар воизлар 99 фоиз ҳақиқатни беришга муваффақ бўлсалар, комментаторлар томонидан 1 фоиз ёлғон берилгани кифоя – тингловчи дарров йўлдан адашади.
* * *
Жамоатхонадаги ёшлар мулоқоти тарқатилиб юборгандан кейин, жамоатхонани рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талабни қўйдилар. Бу масала жуда қийин бўлди. Ғанимларим гоҳ шаҳар кенгашига, гоҳ Давлат Хавфсизлик Қўмитасига мени чақира бошладилар. Мен уларнинг ҳамма эътирозларига шундай жавоб бердим:
Йўқ! Чунки Худога маъқул эмас!
Болалар ва ёшлар Худога хизмат қилишда иштирок этаётганлари учун менга бир неча марта жарима солдилар.
Давлат Хавфсизлик Қўмитасига чақирганларида ёлғиз ўзим келмаганим учун, ходимлар айёрлик йўлига ўтдилар. Мен эндигина ишга киришганимда, механик: “Сени кимдир йўқлаяпти”, деб қолди. Биродарларимдан биронтаси келган бўлса керак, деб ташқарига чиқдим. Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари мени машинага ўтқазиб, Бебел кўчасига олиб келдилар. Кабинетга олиб келганларида, хаёлимда ибодат қилдим.
Яна бир ходим чиқиб келди. Суҳбат бошланди.
–Николай Ефремович! Сиз – Советлар мамлакатининг одамисиз! Собиқ комсомол ташкилоти котибисиз! Порт шаҳарда яшайсиз, бу ерга денгиз бўйлаб турли одамлар келишлари мумкин, уларнинг орасида жосуслар бўлиши ҳам мумкин. Сизнинг ибодат уйингиз эса ҳамма учун очиқ. Бизга ёрдам беринг. Тушунинг, биз бирга ишлашимиз керак…
–Мен жамоат хизматкориман, жосусларни излаш – сизларнинг ишингиз. Яҳудо бўлганимдан ўлганим яхши. Сизлар ўзларингизнинг вазифаларингизни бажаринглар, мен эса ўзимнинг ишим билан шуғулланаман.
–Сиз биз билан бирга юришингиз керак. Бу ишнинг қўрқинчли томони йўқ, – деб улар мени хотиржам қилмоқчи бўлдилар.
–Мен имонлиман, сизлар эса атеистсизлар. Биз битта йўлдан бора олмаймиз, бу мавзуда сизлар билан бошқа гаплашмайман.
–Яқинда қаердан қайтиб келганингни ёдингдан чиқарма! – деб ғазаб билан менга бақирди ходимлардан бири.
–Ҳали унутганимча йўқ.
–Бойко! Турмада чирийсан!
–Худонинг хоҳишисиз бошимдан биронта тук ҳам тушмайди.
–Қаердалигингни биласанми?
–Бебел кўчасида жойлашган Давлат Хавфсизлик Қўмитасида. Мен сизларнинг қўлингиздаман. Марҳамат, қамайверинглар. Тайёрман. Сизларга фақат бир нарсани а йтмоқчиман: Россияда шундай уйғониш юз берадики, сизлар ҳатто буни тасаввур ҳам қила олмайсизлар!
–Нима?! Давлат тўнтариши юз берадими? – деб сўради ҳалиги ходим хавотирлик билан креслодан турар экан.
–Худо руҳий уйғонишни юборади, сизлар сингари гуноҳкорлар тавба қиладилар!
Улар бир неча дақиқа тилдан қолдилар.
–Бойко! Биз сени бошқа модда бўйича суд қиламиз, турмадан чиқмайсан! – деб таҳдид қилди ўша ходим ва навбатчига:
–Олиб кет буни! – деб буюрди.
Навбатчи мени кўчага олиб чиқиб қўйди. Мен Худога шукрона айтдим ва жамоатхонага келиб, юз берган воқеаларни айтиб бердим.
* * *
Ҳадемай озодликдан маҳрум бўлишимни тушуниб турардим. Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг таҳдидларини доим назарда тутиб, уларнинг ҳийла–найрангларини, ишимда фириб беришларини кутардим. Шунинг учун доим ҳушёр туриб, тинмай ибодат қилардим.
Узоқ кутмадим. Бир куни тунги сменага навбатчиликка турдим. Ҳаво илиқ бўлгани учун қозонларни тонгга яқин ёқардик. Тун бўйи ўқидим. Эрталаб қозонларни ёқмоқчи бўлдим, ёқишдан олдин эса қозонларнинг ҳолатини текширмоқчи бўлдим. Қарасам, сув ўлчагичда сув йўқ, демак, қозон бўш. Нарвон бўйлаб кўтарилиб, жўмракни очдим, жўмракдан сув томмади. Пастдаги жўмракни очдим – бу ердан ҳам сув оқмаяпти.
Навбатчилик журналини қарадим, менга навбатчиликни топширган ишчининг имзоси турибди, аммо биронта камчилик тўғрисида ёзилмаган.
Қозонларнинг у ёқ–бу ёғини текшириб, қоронғу бурчакда яна бир жўмрак борлиги эсимга тушиб қолди. Бориб қарасам, униси тамомила олиб ташланган! Суви бор иккинчи қозонни ёқаман, деган хаёл билан ўт ёқдим. Олов ўлимсанги бўлиб ёнарди, қозон эса ҳеч ҳам исимасди.
Эрталаб соат етти! Заводга иссиқлик керак! Термометр стрелкаси эса тобора тушиб кетарди.
Бир соатдан кейин ўт ёқувчи билан навбатчи келиб, сўради:
–Нимага қозонларда босим йўқ?
–Битта қозон ишдан чиқибди, кимдир ўчириб сувни тўкиб юборибди. Журналга эса ҳеч нарса қайд қилинмаган.
–Сувни ким туширибди? Рапорт ёзаман!
–Ёзавер! Ким тушириб юборганини билмайман, аммо бўш қозонга ўт ёқишга ҳаққим йўқ!
Бу очиқчасига фириб бериш эди. Улар ўйлаганларки, мен текшириб кўрмасдан бўш қозонга ёқаман, қозонда эса суюқ ёқилғи бор. Ўт ёқишинг билан трубалар эриб кетади, қозон ёрилиб кетиши мумкин.
–Иккинчи қозонга мен керакли температурани бера олмайман, – дедим ўт ёқувчига.
–Устингдан шикоят ёзаман!
–Бу – сенинг ишинг, – деб ҳаммомга кетдим. Ювиниб, кийиндим ва қозонхонага қайтиб келдим. Қарасам, ўт ёқувчи билан навбатчи системани улаб, қозонни сувга тўлдириб, ёқа бошлабдилар. Тушундимки, бу ўт ёқувчининг иши: у қандай мутахассис бўлмасин, агар у сабабини билмасдан сувни тўкмаса, қозонга ўт ёқишга ҳаққи йўқ.
–Эълонлар доскасида қоғоз осиғлик турибди, нима учун сменангда ишни барбод қилганинг тўғрисида тушунтириш хати ёзасан, – деди менга ўт ёқувчи.
–Сменамда эмас, бор–йўғи бир соат – еттидан саккизгача, мен ҳеч нарса ёзмайман.
–Келгуси сафар ишга келганимда, навбатчидан сўрадим:
–Қандай қилиб бу ҳодиса юз берди экан?
–Наҳотки тушунмаган бўлсанг?! Атайлаб сенга тузоқ қўйишган. Улар қозондан сувни тушириб қолмаганлар, балки яна иккинчи қозондаги мўрини ҳам ўчириб қўйганлар. Мўрининг вентилятори шундай қурилганки, қозондаги ҳавони сўриб олади.
–Э–ҳа, мана энди билдим нимага аланга олмасдан керакли температура бўлмаганини!
–Сен уйга кетганингдан кейин қозонга олов ёқдим, аммо аланга йўқ. Электрикларни чақирдим, улар текшириб кўриб, контакларни кимдир узиб ташлаганини аниқладилар, Мўри тескари ишлаётган экан.
Энди мен ғаразли ният бўлганига ишондим, ишимга кетдим.
Тушликдан олдин ўлчов асбобларини назорат қилувчи бошлиқ келди ва тушунтириш хати ёзасан, деб талаб қилди.
–Ёзмайман, агар директор чақирса, у билан ўзим гаплашаман.
Бир соатдан кейин бош механик келди, у ҳам тушунтириш хати ёзишимни талаб қилди. Мен рози бўлмадим. Улар менинг устимдан директорга шикоят ёздилар, директор мени ва механикни кабинетига чақирди. Мен юз берган воқеаларни батафсил тушунтириб бердим.
–Қозондан сувни туширишга ким буйруқ берди? – деб сўради директор механикдан.
–Мен бермадим, – жавоб берди механик.
–Бўлмаса ким?
–Бойко! Сантехник у–ку!
— Владимир Николаевич! Бойко фақат сувни тушириб қолмасдан, иккинчи қозондаги мўрини ҳам ўчириб қўйган, заводда ишни барбод қилиш учун шундай қилган.
Директор электрикдан сўради:
–Контактни ўзиб қўйинглар, деб сиз буйруқ берганмисиз?
–Йўқ.
–Ким буйруқ берган?
–Бойко! Ахир, у қўли гул уста!
–Владимир Николаевич! Наҳотки сменамда шунақанги аҳмоқлик қилиб, ўзимга ўзим душманлик қилсам?! Бу ерда қасддан душманлик юз беряпти, мен комиссияга мурожаат қилишга мажбурман.
–Бойко, бориб ишингизни қилаверинг! – деб директор менга жавоб берди. Мен тушундимки, директор бу нохуш воқеага аралашмаган экан, агар Худо менга мадад бермаганда ва душманларимнинг ниятларини билиб олишимга ёрдам бермаганда эди, бошимга фалокат ёғилиши, суд бўлиши турган гап эди. Душманларимнинг қилмишлари мен қамалгунимча давом этди. Худога шукрки, Худойим ғаройиб равишда мени сақлади.
Х боб
Жамоатхонада ва ишимда юз берган вазиятни англаб, шуни тушундимки, озодликда узоқ қолмайман. Шунинг учун уйимдаги ҳама оғир ишларни қилишга шошилдим: чириган ва осилиб қолган тўсинлар болаларимни бошига тушиб кетмасин, деб уларни янгисига алмаштирдим. Тўсинларни алмаштирар эканман, шипни янгилашимга, имонлиларни қабул қиладиган хонани қайтадан қуришимга тўғри келди. Имонлилар мен билан суҳбатлашиш учун кўп келардилар. Саккизта фарзандим бор, уйим кичкина, мен билан ибодат қилгани келганлар учун жойим йўқ эди.
Қурилишда туғишган укам ёрдам берди. Деворни кўтардик, тўсинларни ташлаб, стропилни қоқдик. Роса иш қайнаган пайтда мени Давлат Хавфсизлик Қўмитасига чақирдилар. “Худойим, қурилишни тугатгунимча ўзинг вақт бергин”, деб ибодат қилдим. Суҳбатдан кейин ДХҚ ходимлари менга рухсат бердилар.
Яна ишга тушиб кетдим. Бир куни шипни сомонсувоқ қилаётган эдик. Бирдан ит қаттиқ вовуллаб қолди. Ит имонлиларга ҳеч қачон бунчалик ташланмас эди. Демак, бегона, ёмон одамлар келган. Хотиним эшик олдига борди. Кейин орқасига бурили6, хавотирлик билан: “Коля, сенга келишибди”, деди.
Чақирилмаган меҳмонлар – вакил билан ДХҚ ходими эди. Улар эски танишлардай, бемалол ҳовлига кириб келдилар.
–Ассалому алайкум! – дея улар биринчи бўлиб гап бошладилар. – Ишлар қалай?
–Худога шукр, кетяпти – деб жавоб бердим мен.
–Сизлар узоқ вақтга бир–бирингиздан айриласизлар, – деди аста ДХҚ ходими хотинимга.
Нимага? – гап нима ҳақда кетаётганини тахмин килган бўлса ҳам ҳар эҳтимолга қарши сўради хотиним.
–Ҳадемай сизларни ажратамиз...
–Худога нима маъқул бўлса, шу–да.
–Сен ҳам имонлимисан? – деб ўзини ҳайронликка солиб сўради ходим, гарчи хотиним имонли эканини билса ҳам.
Ҳа, имонлиман.
Қанча болаларингиз бор–а! Сизлар нима ҳақда ўйлайсизлар ўзи?
Худога нима керак бўлса, бизга ўшандай йўл кўрсатсин.
Худо номи билан азоб–уқубатларга ички тайёргарлик ва Худонинг хоҳиш–иродасига тамомила ўзини топширгани иккала золимни ҳам ғазабга келтирди.
–Сизлар қанақа одамсизлар? – деб ғазабланганларича чиқиб кетдилар.
Хотиним уларнинг орқасидан эшикни ёпди.
Хотиним хавотирга тушиб қолди:
Иш ҳали тугамаган, агар сени ҳозир қамасалар нима бўлади?
–Валя! Қурилишни тугатмагунимча, мени олиб кетмайдилар. Ишонавер, Худо ишончимизга ярашасини беради. Кел, ибодат қилайлик, – деб хотинимга тасалли бердим, ўзим ҳам тасалли топдим.
Чала битган уйда тиз чўкдик. Шипдаги тирқишлар орасидан биз севадиган, биз хизмат қиладиган, биз қаттиқ ишонадиган Худойим истиқомат қиладиган мовий осмон кўриниб турарди. У бизнинг илтижоимизни эшитди. Худонинг ёрдами билан деворни суваб, оқладим, полни қоқдим, ромларни ўрнаштирдим, бўяб, ойналарини қўйдим, хуллас, иш тугади. Шундан кейингина 1980 йилнинг 29 сентябрь куни мен йўқлигимда менинг уйимда ва яна икки имонлининг уйида тинтув ўтказибдилар.
Николай Ерофеевич қаерда? – деб сўрабди хотинимдан милиция ходими. Хотиним шоша–пиша:
Қизимникида, – деб жавоб берибди–ю, аммо кейин жуда афсусланибди.
Мен бу пайтда куёвим билан теплицада ишлаётган эдим. Қарасам, милиция машинаси келиб қолди.
–Бойко, сиз билан озгина гапимиз бор. Юринг.
–Қаёққа?
–Суворов туманига.
Мен ибодат қилиб, улар билан бирга кетдим. Аввалига мени милиция бўлимига, кейин прокуратурага олиб келишди. Бу ерда мени қамоққа олиш ҳақида рухсатномани кўрсатдилар ва тергов изоляторига жойлаштирдилар.
* * *
Жамоат учун ва қариндош–уруғларим учун иккинчи марта қамалишим кутилмаган ҳодиса бўлмаса–да, барибир, қайғули эди. Эртаси куни жамоатхонада аъзолар йиғини бўлибди. Йиғинда, жамоатни рўйхатдан ўтказишдан бош тортамиз, деб бир овоздан қарор қабул қилибдилар, чунки ҳокимият органлар фақат жамоатни тарқатиб юбориш ва бўғиш учун рўйхатдан ўтказардилар.
Биринчи сўроқда мен терговчига, жамоатлар ҳақидаги, имондошларим ҳақидаги саволларга жавоб бермайман ва биронта протоколга имзо чекмайман, деб тушунтирдим. Бунинг устига,менга адвокат керак эмас, буни ҳам ҳисобга олинг, деб илтимос қилдим. Ўзимнинг эътиқодим ва Худога ишончим тўғрисида шуни айтишим керакки, ким мендан сўраган бўлмасин, мен бу ҳақда очиқчасига гувоҳлик бердим, дея ахборот бердим.
–Тушунинг, Бойко, сиз менга кўрсатма беришингиз керак, – деб мени мажбур қилди терговчи.
–Жамоатнинг ички ҳаёти, биродарлик хизмати тўғрисида, менинг олдимга ким келди, имонлилар билан қаерда учрашганман – бу каби саволларга жавоб беришдан қатъиян бош тортаман. Бу – тўғридан тўғри сотқинлик.
Аблаҳларни айнан шу саволлар қизиқтирарди, мен эса жим туравердим. Маълум вақт ўтгач, менинг ишимни бошқа терговчига ўтказишди, унинг саволларига ҳам жавоб бермадим. Катта терговчи менинг иштирокимда бу терговчига шундай маслаҳат берди:
–Сен Бойкони қаттиқроқ қисувга ол.
–Ундай ҳолда биронта саволга ҳам жавоб бермайман!
–Сени барибир суд қиламиз.
–Буниси сизларнинг ишингиз.
Янги терговчи менга ҳаддан ортиқ қўпол муомалада бўлди. Мен бу терговчи билан ҳеч қандай мулоқотга киришмаганим учун ишни учинчи терговчи олди. У мени сўроққа чақирмади ва ишни ёпди.
Тергов тугади, мени адвокат билан танишувга олиб келишди.
–Бошидаёқ айтган эдим менга ҳимоячи керак эмас деб. Менинг ҳимоячим – Худо ва Муқаддас Руҳ, – деб тушунтирдим адвокатга. Авокат кетди.
Орадан бир неча кун ўтгач, менга бир аёл адвокатни олиб келиб таништиришди.
–Ҳадемай суд бошланади. Мен сизнинг адовкатингизман.
–Кечирасиз, бир неча марта, мен ҳимоячига муҳтож эмасман, деб тушунтирганман.
–Қўрқманг, Бойко, мен сизни ҳимоя қиламан.
–Айтинг–чи, сиз коммунистмисиз?
–Ҳа, коммунистман.
–Агар сиз чин дилдан мени ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз ҳам, сизга имкон бермайдилар. – Нимага? Мен сизнинг биринчи судингиз билан танишман. Ўзингизни ўзингиз яхши ҳимоя қилдингиз.
–Мен имонли одамман, сизга ёмон бўлишини истамайман. Агар сиз мени чинакамига ҳимоя қилсангиз, суддан кейин сиз адвокат бўлиб ишлай олмайсиз. Буни ҳисобга оляпсизми?
Мен бу аёлга, терговчининг талабига кўра, журналдаги баҳоларга асосан болаларимга ижобий характеристика бергани учун мактаб завучини ишдан бўшатганларини айтиб бердим.
Нима учун? – деб ҳайрон бўлди у.
Чунки мамлакатда имонлиларга қарши давлат даражасида кураш олиб бориляпти.
Мен рад қила олмайман, мени мажбур қиляптилар, – деб тан олди адвокат аёл.
Мени барибир суд қилишади, сиз эса менинг ҳимоячим эмас, балки иккинчи айбловчим бўлиб қоласиз.
–Бойко, сиздан илтимос, суд бошланганда, ёзма равишда рад қилинг, мен сиздан жуда миннатдор бўламан.
* * *
Мен ишлаган заводнинг биноси катта эмас эди, шунинг учун суд Одесса кабел заводи клубида бўлиб ўтди. Йиғилиш залига мени орқа томондан олиб киришди. Кирганимдан кейин, стуллар орасида тиз чўкиб ибодат қилдим. Залда ДХҚ ходимлари, милиция, бошлиқлар ва заводимиз коммунистлари турар эдилар. Улардан қайси бирлари менга таниш эди. Етмиш кишига мўлжалланган залда ўн беш одам ўтирарди. Уларнинг орасида биронта қариндошим ҳам, яқинларим ҳам йўқ эди.
Залга судья, прокурор, давлат қораловчиси кириб келди. Судья айблов хулосасини ўқий бошлади. Шунда мен сўрадим:
–Гражданин судья! Айтинг–чи, менинг устимдан бўлаётган суд очиқми?
–Ҳа, очиқ.
–Ундай бўлса, нимага хотиним, болаларим, гувоҳлар йўқ?
–Сизнинг судингизга ҳеч ким келмади! – деди ҳеч ҳам хижолат ҳам тортмай прокурор.
–Гувоҳларсиз мени қандай қилиб суд қила оласизлар?
–Бу сизнинг ишингиз эмас! – деб жавоб қайтарди такаббурлик билан судья.
–Бундай ҳолатда судда иштирок этишдан мен ҳам бош тортаман.
–Бу сизнинг ҳуқуқингиз.
–Эшик олдида судда иштирок этишни истаган бир неча одамни кўрдим–ку.
–Мен кўчага чиқиб келдим, ҳеч ким йўқ! – дея ахборот берди прокурор.
Судья гувоҳларнинг ярмиси рўйхатини ўқиб бўлганда, эшик очилиб, қизимнинг йиғи овози эшитилди. Қизим очиқ турган эшикдан кирибок айтди:
–Дадажон! Судга дўстларингиздан кўпчилиги келишган. Милиция ҳеч кимни, ҳатто ойимни ҳам киритмаяпти.
–Прокурорнинг айтишича, эшик олдида ҳеч ким йўқ эмиш, мен суддан бош тортдим, – дедим қизимга. Судья қизимга таклиф қилди:
–Бойко! Бўш жойга ўтираверинг.
–Гувоҳларнинг эълон қилинган рўйхатидан фақат биттагина одам иштирок этди, холос. Танаффус эълон қилинди. Шу пайтда залга хотиним, болаларим, баъзи биродарлар ва сингиллар кириб келишди. Суд давом этди. Ўн тўққиз гувоҳдан фақат иккитаси келди.
–Судланувчини биласизми? – дея сўроққа киришди судья.
–Биламан, бизни харбийлар сифатида ибодат уйига юборишди. У ерда одамлар қўшиқ куйлашаётган экан, болалар шеърлар айтишарди. Бойко эса советларга қарши тарғибот ишларини олиб бораётган эди.
–Судланувчининг исми ким? – дея сўради судья.
–“Николай ота” деб чақиришаркан.
Иккинчи гувоҳнинг кўрсатмаси ҳам худди щундай бўлди.
–Судланувчи! Гувоҳларга саволларингиз борми?
Мен судда иштирок этмайман, деб тушунтириш берганман.
Гувоҳлар йўқлиги сабабли ўша куни судья беш марта танаффус эълон қилди, кейин эса суд йиғилишини келгуси кунга кўчирди.
Маълум бўлишича, суд 22 декабрга тайинланган бўлиб, шу кунга мослаб чақирув қоғози тарқатилган. Судга кўп имонлилар келиши мумкин, деб қўрққанларидан тўрт кун олдин бошлаб юборишган экан. Суднинг биринчи куни охирида улар ҳамма гувоҳларни айланиб чиқиб, уларни 19 декабрга таклиф қилган эканлар.
Иккинчи куни суд ажримида мен ҳам иштирок этмадим, гарчи кўп коммунистлар ва имондош дўстларимдан кўпчилиги иштирок этса ҳам. Яхши тайёргарлик кўрган бўлсам–да, ҳимоя нутқидан ва охирги сўздан бош тортдим.
Фарзандларим йиғларди. Соқчи аскар ҳайрон бўларди: “Нега йиғлайсизлар?! Отангизни суд қилишга арзимайди. Уни ҳозир озод қиладилар...” Аммо “Украина Совет Социалистик Республикаси Жиноят Кодексининг 138–моддаси 2–банди ва 209–модданинг 1–бандига кўра, беш йил озодликдан маҳрум қилинсин, жазо тартиб қаттиқ ўрнатилган лагерда ўтказилсин, беш йил сургун қилинсин” деган ҳукмни эшитгач, аскар қўрққанидан бошини чангаллаб қолди..
* * *
Бойконинг қизи Любанинг эсдаликларидан:
“Дадам ҳукмни эшитиб, кулди. Биз унга гуллар отдик: “Дадажон! Мана булар ишончингиз учун!” Суд залида иштирок этаётган имонлилар ҳамжиҳат бўлиб куйлай бошладилар: “Исо учун яшаймиз, У билан ўламиз...”
* * *
Дўстларнинг истаклари, айниқса, қўшиқлари қалбимни тўлқинлантириб юборди ва менга катта куч–қувват бағишлади. Зал баланд, акс садо ҳам ниҳоятда жарангдор! Биродарларим чин дилдан куйлашарди. Судлов коллегияси дарров ғойиб бўлди, гўё улардан ҳеч ким бўлмагандай. Менинг ўнг ва чап томонимда соқчи аскарлар, уларнинг бошлиғи капитан хавотирлик билан йиғилганлар ёнида хавотирлик билан одим ташларди. Милиция ходимлари ҳам, ДХҚ одамлари ҳам шу ерда эди. Суд залида иштирок этганларнинг биронтаси ташқарига чиқмади, қўшиқ янграйверди. Аскарлар қўлимдан ушлаб олиб кета бошладилар. Менга ҳам, аскарларга ҳам гуллар ёғилди. Шунчалик кўп гул ёғилдики! Қўшиқ ҳамон давом этарди. Капитан астагина соқчиларга буйруқ берди. Улар мени бино орқали олиб чиқишга қўрқдилар, биз яширин зинапоя орқали пастга тушишимизга тўғри келди. Машина тайёр турарди. Ўтиришимиз биланоқ, машина жойидан қўзғалди. Қамоқхонага мени шунчалик тезлик билан олиб кетдиларки, мен авария бўлмасайди, деган хавотирда эдим. Машинадан тушганимда, соқчилар бошлиғининг ранги оппок бўлиб кетганини кўрдим. У қаттиқ хавотирга тушгани кўриниб турарди. Чамаси, у биринчи марта шундай вазиятга тушиб қолган эди: гуллар, қўшиқ, олқишлар.
Қамоқхонада “Пересипада қандайдир баптистни суд қилибдилар, ҳукм ўқилгандан кейин гулларга буркабдилар, диний инқилобий қўшиқ айтибдилар” деб дарров билган эканлар.
Мен қамокҳонадан Одесса вилоят судига икки марта кассация тартибида шикоят жўнатдим. Суд ҳукми кучида қолди, 1981 йилнинг 8 мартида мен этапда эдим.
* * *
Қизим Любанинг эсдаликларидан:
* * *
“Коля амаки! Сизга йўлга нима олиб берайлик?” – деб сўради биродарларим. Мен ширинликларни олиб келишини илтимос қилдим. Улар олиб келиб, соқчилар бошлиғига берибдилар, аммо у менга ҳеч нарса бермади. Вагондаги маҳбуслар қизиқиб сўрадилар:
–Суд залида гуллар билан отган Коля амаки сизми?
–Ҳа.
Илтимос, ёшларингиз суд залида айтган қўшиқларини айтишсин.
Биродарларим: “Исо учун яшаймиз…” деб куйлай бошладилар.
–Яна айтинглар! – деб илтимос қилишди маҳбуслар. “Эй масиҳий, ғаройиб оловингни олиб кел” деган мадҳия янгради.
* * *
Қизим Любанинг эсдаликларидан:
“Столипин” вагонини йўловчилар вокзали платформасига қўйиб, Одесса – Харков поездига уладилар. Перронда милиция ходимлари маҳбуслар вагонига ҳеч кимни яқинлаштирмадилар. Аммо кейинги платформага Львов поезди келди. Бир талай одам тўпланди. Биз пайтдан фойдаланиб дадам турган вагонга яқин бордик. Вагонни тақиллатдик, поезд эса қўзғалди. Хайрлашаётганимизда, дадам: “Эҳтиёт бўлинглар, болаларим! Худо ёр бўлсин!” деди.
* * *
Милиция ходимлари ёшларни у ёқдан–бу ёққа қандай қувганларини маҳбуслар кўриб турардилар. Улар қўшиқни эшитиб туришар, поезд кўздан ғойиб бўлгунча биродарлар қўшиқ куйлаб туришди.
–Сиз кимсиз, эй педагог? – деб қизиқиб сўради соқчилар бошлиғи.
–Худонинг хизматчисиман.
–Попмисиз?
Мен Худога ишонаман, қавмбоши бўлиб хизмат қилардим. Вагон ёнидагилар эса жамоатимиздаги масиҳий ёшлар эди. Айтинг–чи, мени қаёққа олиб кетишяпти?
–Хабаровскка.
Шу тариқа ортимда Одесса, азиз жамоатим, оилам, қолди, олдинда эса Худо бошқараётган номаълумлик. Ниҳоят, Паздельная станциясига келиб тўхтадик, бу – биз биринчи тўхтаган станция эди. Вагон ойнасидан қарасам, қизим, биродарларим югуриб келишяпти! Улар мени яна бир марта кўриш ва хайрлашиш учун машинада бу ергача келишибди. Улар перрон бўйлаб югуриб: “Коля амаки, кўришгунча хайр!” дея қўлларини силкитишарди.
–Қара–я! – деб ҳайратланишарди маҳбуслар, – бу ергача ҳам келишибди!
Биродарларимга, мени Хабаровскка олиб кетишяпти, деб хабар беришга улгуриб қолдим.
Харковга етиб келдик. Обрўли жиноий гуруҳлардан бўлган бир маҳбус огоҳлантирди: “Оғайнилар! Ким Узоқ Шарққа борадиган бўлса, билиб қўйинглар: Коля амакига биронтаси қўлини текиза кўрмасин! Тушунарлими?” Мени эса эстафета сингари, бир қамоқхонадан иккинчисига ўтказаверишди. Ҳамма жойда маҳбуслар оғизма–оғиз обрўли ўғрининг кўрсатмасини етказишар, ёшлар мени қўшиқ билан қандай кузатиб қолганларини айтиб беришарди.
Қакмоқхоналарда кўп маҳбуслар билан суҳбатлашдим. Бир куни менга қарши бир неча маҳбусларни қўзғаб бизнинг камерага олиб киришди. Уларнинг биринчи қилган иши мени ўзларининг олдиларига боришга мажбур қилишди.
“Ҳеч қаёққа борма!” – деб таниш маҳбуслар мени қўйишмади.
“Эй художўй! Ваъзингни тўхтат! Бу ёққа кел–чи, сен билан бир гаплашиб қўяйлик!”
“Ёқмаса, эшитманглар, – деб менинг ўрнимга жавоб беришди бошқа маҳбуслар. – Коля амаки сизларни кўрмоқчи эмас!”
Улар қанчалик қитмирлик қилишмасин, беҳуда бўлди. Худо маҳбуслар орқали мени ҳимоя қилди. Менга ҳеч ким зарар бера олмади. Ҳудойимга шукр!
ХI боб
Биз Хабаровск ўлкасининг Старт посёлкасига етиб келдик (Бу посёлка Комсомолск–Амур шаҳридан 27 километр узоқликда эди). Колония бошлиғи Лазуткин менинг ишим билан танишиб, сурбетларча айтди:
–Нима, сен Худога ишонасанми? Бу ерда ишонмайдиган қиламиз! Синдирамиз.
–Ёшлигимда синдирмоқчи бўлдилар, аммо қўлларидан келмади. Мен эътиқоди мустаҳкам масиҳийман, синмайман.
–Кимларни синдирмадик, қонундаги ўғриларни, олифталарни синдирганмиз! ШИЗОга борасан, у ердан тепага оламиз, устун ўрнатиб: “Бу ерда Бойко ётибди” деб ёзиб қўямиз.
Бошлиқ қабристонга ишора қилаётган эди.
–Мени ўлим билан қўрқита олмайсизлар, мен абадийликка ишонаман...Зўравонлик –ожизлигингизнинг энг аниқ белгисидир.
–Кўрамиз! – дея бошлиқ ёвуз кўзларини менга қадади.
Баракда Худога илтижо қилдим: “Худойим, Сен уларнинг таҳдидларини кўриб турибсан, мен чоршанба куни маҳбусларнинг оилалари учун рўза тутаман, жума куни барча биродарлар билан бирга рўза тутаман, энди эса Сендан сўрайман: якшанба куни ярим кун рўза тутишим учун куч–қувват бер, токи улар мени синдирмасинлар. Мен умрим охиригача Сенга содиқ қолишни истайман…”
* * *
Старт посёлкаси ҳақиқатан маҳбусларни синдирадиган алоҳида зона эди. Кўп вақт мафкура ишларига вақт ажратиларди. Бошқа лагерларда бир ҳафтада бир марта сиёсий машғулотлар ўтказилса, бу ерда беш марта ўтказиларди! Машғулотга бир марта келмаса, 15 кун ШИЗОга! Учинчи куни мен ШИЗОга тушдим. Деворлар, пол ва шип – фақат бетондан иборат. Кириш жойида қип–яланғоч ечинишига ва 10 марта ўтириб туришга мажбур қиладилар. Қулоқларни текширадилар, бирон нарса яшириб олмадимикан деб оғизни очтириб кўрадилар. Кийиб келган кийимингни олиб қўйиб, йиллар давомида яшикда моғорлаб, бит босиб кетган кийимни берадилар. Кийимни кийишим билан битлар танам бўйлаб ҳаракат қилдилар. Бу махсус кийимнинг орқасига, тиззадан юқорисига, катта ҳарфлар билан ШИЗО деб ёзиб қўйилган.
Жуда ёмон боқадилар: кунига 600 грамм нон билан қайнатилган сув. Иссиқ овқат – кун ора. Баъзан шундай бўлардики, рўза тутган кунларим иссик овқат берар, мен эса емасдим. Ҳафта давомида қуруқ нон еярдим.
Камерага кириб, мен маҳбусларни огоҳлантирдим: “мен ибодат қиламан, тағин бу маҳбуснинг аҳволи ёмон бўлиб қолибди деб ўйлаб тик турғизиб қўйманглар”. Бир марта шундай бўлган эди.
15 суткани ўтказиб, навбатдаги сиёсий машғулотга бормадим. Отряд бошлиғи ёзма рапорт берибди. Сиёсий бўлим бошлиғи ҳамма отряд бошлиқларини (лагерда 17 отряд бор), тезкор вакилни ва режим қисми бошлиғини чақирди. Улар мени саволларга кўмиб ташлади. Тушунтириш хати ёзасан, деб талаб қилишди. Одатда мен қуйидагича ёздим: “Украина Жиноят кодексининг 138 ва 209 моддаларига биноан ноҳақ судланган Бойкодан тушунтириш хати. Мен эътиқодли масиҳий ва ҳ.” Суҳбатдан кейин яна 15 суткага янгидан қарор чиқаришди.
Шу тариқа у изолятордан бунисига сарсонсаргарчилик бошланди.
Бир марта камерага бошлиқ заҳарханда кулги билан сўради:
–Аҳволларинг қалай, Бойко?
–Тирикман, нон –сув тановул қилсак ҳам, барибир Худога ҳамду сано айтяпмиз.
У ғазаб билан эшикни беркитди. Улар учун энг қўрқинчлиси – азоб–уқубатда ҳам одам умидсизликка тушмаса, улар ўзларининг ожизлигини тушунадилар.
–Нима билан тирикчилик қиляпсан, Бойко? – деб сўради бир марта бошқа бошлик.
–Муқаддас Китобда ёзилган: “инсон фақат нон билан яшамайди, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар қандай сўз билан яшайди”.
У нон–сувни ҳам тўхтаттириб, кетди. Менга зулм ўтказаётганлар муваффақиятга эришмадилар, чунки Худо ҳамма азобларни сабр билан ўтказишим учун мени мустаҳкам қилди.
Худо менга шуни зоҳир қилди: Агар мени синдирсалар, Худонинг ҳамма самимий маҳбус хизматчиларини ана шундай тубан ҳужумларига дучор қиладилар. Мен Худодан, менга куч бергинки, синганимдан кўра, Сенга содиқ бўлиб ўлайин, деб сўрадим. Худо менинг илтижоларимни эшитди, ўлимгача мустаҳкам руҳ билан туришимга имкон берди. Ана шу машаққатли йилларда Худонинг тахтига мен ҳақимда олиб чиққан ҳамма биродарларимнинг ибодатларини чин юракдан ҳис қилдим.
* * *
Мени “прессхата”га жойлаштирдилар. “Прессхата” изолятордаги алоҳида камера бўлиб, ШИЗОда букилмаганларни синдирадиган жой эди. Бу камерада маъмуриятнинг ҳомийлигида бўлган ва бошқаларни ҳақоратлаб, заҳарлайдиган маҳбуслар турарди.
“Хата”га киришим билан маъмуриятга ишлайдиган маҳбуслар менга кекирдагини чўза бошладилар. Қаршидаги камерадаги маҳбуслар менинг овозимни эшитиб, гапирдилар:
–Коля амаки, сиз у ерга қандай тушиб қолдингиз?
–Ўзим ҳам билмайман.
–У ерда сизга вовуллаётган ким экан?
–Кимлардир бор, уларни танимайман.
–Оғайнилар! Жавоб беринглар, у ерда ким ўтирибди? – деб қатъий сўрашди қарши камерадагилар.
Учтаси жавоб берди, айниқса менга тегажоқлик қилгани жим бўлиб қоди. Таҳдидлардан кейин камерадаги маҳбуслар ўзларининг лақабларини айтдилар.
–Пашша! Агар сен Коля амакига бармоғингни текиза кўрсанг, каллангни оламиз, тушундингми? – деб бақирдилар ва ўзларининг тилларида яна алланималар дедилар.
Пашша дарров итоат этди. Маҳбуслар менга саволлар бердилар, мен эса жавоб бердим. Аммо Пашша барибир мени жим туришга уринди.
–Саволлар бўлмаса, жим тураман. Акс ҳолда жавоб беришга мажбурман.
Худо бу ерда ҳам мени ҳимоя қилди.
Кейинги 15 кун суткада мени ҳамма ёғи бетон билан ўралган камерага жойлаштирдилар. Гаплашиб бўлмайди, эшитилмайди ҳам. Камерада иккита одам бор, учинчисини кейин олиб киришди. Ҳаммаси бақувват йигитлар экан.
Маълум вақт ўтгандан кейин камера эшикларини бошлиқ очди. Қўлида имонлиларнинг васийлик хатини ушлаб турарди.
–Эҳ сен! Жамоатда одамларни талаган, энди эса уни ҳимоя қилиб хат ёзяптилар!
–Ҳурматли бошлиқ! Агар мен имонлиларни талаганимда эди, улар мени ҳимоя қилиб хат ёзармидилар?! Агар мен биронтасидан бир тийин олган бўлсам, Хавфсизлик Қўмитаси мени қанчалар “айлантирган” бўларди?!
Бошлиқ кетди, йигитлар эса суриштиришни бошладилар.
Кечқурунга бориб, иш сал бўлмаса муштлашишга бораёзди. Мен муттасил ибодат қилавердим.
Изолятор совуқ. Йигитлар иссиқ кийимда, жипслашиб ўтириб олган, менинг устимда эса ШИЗОнинг кийими. Мен совқотдим. Кечаси улар менга тинчлик бермадилар, менга яқинлашиб, ғазаб билан урмоқчи бўладилар аммо муштлари устимдан 40–50 сантиметр юқорида муаллақ осилиб қолаверди. Худо уларни тўхтатди. Шунда Самовий Отам мени ҳимоя қилаётганини кўрдим, У Ўз халқининг ибодатлари билан мени сақлаётган эди.
Мен изолятордан чарчаб, соқолларим ўсган, кир–чир ҳолатда чиқдим. ШИЗОда хизматлар кўрсатилмайди.
Мени олифталарнинг бошлиқларидан бири кутиб олди.
–Коля амаки, яна “пресаххат”да бўлдингизми? Сизга қандай муносабатда бўлдилар? Қийналдингизми?
–Бу сафар жуда қийин бўлди...
–Сиз билан ким ўтирди?
–Улар мендан олдин чиқишди?
Бизнинг ёнимиздан ёш маҳбус ўтиб қолди. Олифта уни чақирди.
–10–Баракка бор, Сашкани чақириб кел.
Йигитча кетди, олифта эса шундай деди,
–Йигитларимизнинг айтишича, сиз билан изоляторда ўтириш яхши, суҳбат билан вақт тез ўтар экан.
Биз гаплашиб турганимизда, Саша келди. У мени кўриб, қўрқиб кетди.
–Сен қайси камерада ўтирдинг? – дея унга ҳужумга ўтди олифта.
–Коля амаки билан ўнинчи камерада.
–Хўш, у ерда нима каромат кўрсатдинг?
Саша менга қараб, илтижо қилди:
–Коля амаки! Коля амаки, ахир, мен ҳеч нарса...
–У ерда қаҳрамон эдинг–ку, бу ерда–чи?
Яна бир неча маҳбуслар келишди. Мен олифтага ва бошқаларга қараб, илтимос қилдим:
–Йигитлар, сизлардан илтимос, урманглар. Унинг ўзи тушуниб олади.
–Коля амаки, бу сизнинг ишингиз эмас! Сиз изолятордан чиқдингиз, бориб, дамингизни олинг.
Изоҳ. (1983 йили мен яна Старт посёлкасига тушиб қолдим. Сашанинг ўзи айтишича, уни роса пийпалашибди. У мендан кечирим сўради.)
* * *
Лагер маъмурияти изолятор билан ҳам, “прессхата” билан ҳам, ёлланган маҳбуслар билан ҳам синдира олмади. Маъмуриятдан кўра бу маҳбуслардан қўрқардилар. Шунинг учун мени олифталар изоляторига жойлаштиришга қарор қилдилар, аммо ишга олиб чиқиш шарти билан.
–Демак, Коля амаки бизни тамаки билан таъминлар экан–да! – дея хурсанд бўлдилар маҳбуслар.
–Мен имонлиман, – такрорладим мен уларга маълум жумлани. – Нон ёки бирон егуликни қўлимдан келганча олиб кела оламан, аммо наркотик ёки тамакини – ҳеч қачон, чунки бу гуноҳ, гуноҳ билан шерикчилик қилмайман.
–Бизнинг камерага бунақаси нимага керак! – дея шовқин солишди болалар.
Мен астойдил ибодат қилдим.
–Биласизларми, бу одессалик имонли, – деб ҳикоя қила бошлади мен ҳақимда маҳбус, улар баҳслаша бошладилар.
–Йигитлар, тушунинглар, маъмурият мени атайлаб сизларнинг камерангизга жойлади. “Прессхата”да мени синдира олмадилар, энди буни сизнинг қўлларингиз билан қилмоқчи.
–Тўппа–тўғри! Оғайниларимиз нима дейишар экан? – қўрқиб кетишди баъзилари. – Демак, биз ментларга имонли одамни синдиришда ёрдам берар эканмиз–да! “Иссиқлик”ни биз бошқа томондан оляпмиз, аммо биз Коля амакига қўлларимиз билан ёмонлик қилишимизни улар кўриши керак эмас.
–Яхши! – деб бошқалар ҳам рози бўлдилар. – Озиқ–овқатдан нима олиб кела олсангиз, майли.
Соат олтида турамиз. Нонимни камерада қолдирардим, рўза тутган кунларим эса ҳаммасини бериб, ишга кетардим. Бутун зона эшитган қонундаги ўғри билан учрашганимда маъмурият нима қилишни ўйлаётганини унга тушунтириб бердим. “Йигитларга нон олиб келиб бераман, аммо зинҳор тамаки ёки наркотик эмас. Агар мен гуноҳ қилсам, устимда Худонинг ҳимояси бўлмайди, шундан кейин улар мени синдирадилар”. У менинг гапларимни эшитиб, дўстларига, Коля амакини егуликдан бошқа бирон нарса олиб келишга мажбур қилманглар, деб уқтирди. Яхши навбатчилар бўлган кунлари ўн беш кун давомида уч–тўрт буханка нон олиб келиб бердим.
Олифталар орқали ҳам мени синдира олмадилар. Худо халқининг ибодатлари орқали У мени ҳимоя қилаётганини тушуниб турардим. Изоляторларда айниқса азизларнинг ибодатларини таъсирини ҳис қилардим. Худо менга шундай хурсандчилик юборардики, ҳаяжондан ҳатто йиғлардим. Муқаддас Руҳ гуноҳдан фориғ бўлганларнинг ибодатларини Худога олиб чиқар, У эса менинг юрагимни мустаҳкам қиларди. Шунинг учун мен ҳеч қачон умидсизликка тушмадим.
* * *
Қизим Любанинг эсадаликларидан:
“Уч ой давомида дадамдан хат бўлмади. Сентябрь ойида, дадам соғ–саломатмикан, деб хабар олгани Узоқ Шарққа жўнадик. Комсомолск–Амурдаги Старт посёлкасига етиб келдик. Бизга, сизлар учраша олмайсизлар, чунки отангиз “ўзини ёмон тутди, ёз бўйи ШИЗОда ўтирди” деб айтдилар”.
Нима учун сизлар бизнинг саволларимизга жавоб бермадингизлар? – деб бошлиқни хабардор қилдик. – Дадамни битлар емираётгани бизга маълум–ку.
–Ҳеч қандай бит–мит йўқ! Маҳбусларни яхши боқяпмиз!
–Агар дадам билан учрашувга рухсат бермасангизлар, Москвадаги лагерлар Бош Бошқармасига шикоят қиламиз.
–Ана, эркинлик берилган маҳбуслар келишяпти, хоҳлаганингиздан сўранг, улар, ҳатто гўшт ҳам еяпмиз, деб айтишади.
–Агар маҳбус, мен гўшт кўрганим йўқ, деб айтса, эртасигаёқ ШИЗОга боради! Отамизни бизга кўрсатинг, унинг аҳволини кўрайлик.
Бошлиқ сиёсий бўлим бошлиғидан сўради:
–Хўш, аёлларни лагерга олиб борамизми?
–Йўғ–э, масхара қилишади!–Эртага келинглар, бу масалани ҳал қиламиз.
Эрталаб етиб келдик. Бошлиқлар айни шу масалада гаплашиб туришган экан. Бошлиқ сиёсий бўлим бошлиғига буйруқ берди:
–Агар Бойко ШИЗОда бўлмаса, учрашувга йигирма–ўттиз дақиқа рухсат беринглар.
–Барибир, рухсат беринглар, бўлмаса, улар шикоят қиладилар.
* * *
Шу лагерда бўлганимда на хат олдим, на откритка – мени синдириш учун шундай босим ўйлаб чиқардилар. Аммо мен Худо ҳаммасини назорат қилиб турганини билиб, бўлаётган воқеаларни тўғри қабул қилдим.
Мен изолятордан чиқдим. Ишга олиб чиқдилар, шу пайт бошлиқ чақириб қолди.
–Фарзандларинг сени кўргани келишибди. Уларнинг қайсарлиги учун сенга йигирма дақиқага рухсат бераман.
Мен эса соқолларим ўсиб кетган, ювинмаган эдим.
* * *
* * *
Хафа бўлган фарзандларим чиқиб кетишди. Бошлиқ баттар ўзидан кетди.
–Нима, сен Совет ҳокимиятига туҳмат қиляпсанми?
–Қани ўша ҳокимият?
–Қани деганинг нимаси?! Мен Совет ҳокимиятиман!
Мен кўйлагимни ечиб, унга яқин келдим:
–Мана, қаранг, бу туҳмат эканига ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз!
Бошлиқ битларни кўриб, ўзини дарров олиб қочди. У менга дағдаға қилди:
–Билиб қўй, Бойко, Узоқ Шарқда қанча бўлсанг, учрашувга сенга рухсат йўқ!
Бошлиқ заҳарханда сўзида турди: бу лагерда қариндошларим билан бошқа учраша олмадим.
* * *
Мени тўққиз марта музхона камерага қамашди. Камеранинг деворлари қор билан қопланган эди. Тўққизинчи марта шамоллаб қолдим. Иситмам чиқиб, аранг нафас олардим. Ўн бешинчи сутка тугагач, санитария бўлимига бордим. Ўпканг шамоллаган деб диагноз қўйишди. Рентген диагнозни тасдиқлади. Мени уч кунга ишдан озод қилишди.
Санитария бўлимидан чиқишим билан селектор орқали штабга чақиришди. Ибодат қилиб, штабга келдим. Бойко сиёсий машғулотларда бўлмаган деган ёзма ахборот берилган экан.
–Бойко, ўн беш суткага изоляторга!
–Ахир…
Режим бўлими бошлиғи майор Максименко қарорга қўл қўйиб, мени ШИЗОга олиб келди.
–Ҳурматли бошлиқ! Менинг истимам чиқяпти, ишдан озод қилинганман…
Майор одамзодга номуносиб шафқатсизлик билан айтди:
–Биламан, аммо изолятордан озод бўлмагансан!
–Менинг ўпкам шамоллаган! Қонун бўйича, сиз аввало, одамни даволашингиз, кейин изоляторга қамашингиз керак!
У сурбетларча деди:
–Бойко! Сен тезроқ жон берсанг, бизга яхши бўлади!
Майор камерани очиб, одатдагидай, мени тинтув қилди. Мен ШИЗОнинг кийимларини кийдим, орқамдан эшик шарақ этиб ёпилди. Камера бир кишилик эди, аммо бу ерда икки киши бор экан. Уларни, мен имонлиман, ибодат қилишим керак, деб огоҳлантирдим. Ибодат қилиб бўлганимдан кейин уларга касал бўлиб қолганимни айтиб бердим. Улар менинг ҳолатимни тушуниб турарди.
Кечқурун, Эй Худойим, Ўзинг шифо бергин, деб ибодат қилдим, эрталаб ибодатимни яна такрорладим. Кечқурунга бориб иситмам тушди, ўзимни тамомила соғлом ҳис қила бошладим. Худойим менга шифо берди! Мен хурсанд бўлиб, Унга шукрона айтдим. Ўн беш сутка ўтириб чиққанимдан кейин, мени дарров рентгенга олиб боришди. Ўпка шамоллашини топа олмадилар.
–Бу қандай юз бериши мумкин?! – деб врачлар ҳайрон бўлардилар.
–Менинг Шифокорим бор – У жамики шифокорларнинг Шифокори! У –Масиҳ! У менга шифо берди!
Баракка келиб, қариндош–уруғларимга, шунингдек, маҳбуслар қариндошлари Кенгашига хат ёздим. Хатимда лагер бошлиқлари мени синдиришни мақсад қилиб қўйганларини ёздим. Орадан кўп ўтмай, жамоатлардан бевосита лагерга ва бошқа идораларга хатлар кела бошлади. Лагерга тезлик билан сиёсий бўлинмадан иккита майор келди.
Селектор орқали мени штабга чақиришди ва сўрашди:
–Бойко, сиз имонлимисиз?
–Ҳа.
–Мостирка қилиш сизга ярашмайди! (Мостирка – ишдан озод бўлиш мақсадида ўзига атайлаб сунъий равишда шикаст етказиш).
–Кечирасизлар, имонлилар бундай ишлар билан шуғулланмайдилар, бу – гуноҳ.
–Биз санитария бўлимида касаллик варақасини текширдик, сизга дори беришмаган, укол қилишмаган, сиз эса изолятордан соппа–соғ чиқиб кетгансиз, бошқалар у ердан ўпка касалини орттириб чиқишади. Сиз учун васийлик қилиб ёзадиларки, гўё сизни лагерда террор қилишаётган экан, сиз эса соппа–соғсиз!
Қўлларимни осмонга кўтариб, айтдим:
–Менинг Шифокорим бор – У жамики шифокорларнинг Шифокори! У –Масиҳдир!У ўликларни тирилтирган! Менинг шамоллашим нима бўлибди!
–Наҳотки сиз, Худо бор, деб ишонсангиз?!
–Ишонаман ва биламан: Худо бор!
–Муқаддас Китобда қанчалар зиддиятлар бор – сиз ўша масалларга ишонасизми?
–Мен ҳали Криловнинг масалларига ишонган одамлар суд қилинганини кўрмадим. Агар Муқаддас Китоб масал бўлса, бу қандай масалки, унинг учун қамайдилар, бунинг устига, бир неча марта узоқ муддатга қамайдилар?! Гап шундаки, Муқаддас Китобни ўқиганда, ишонч бўлиши керак. Ишонч – Худо ва Унинг Каломи билан алоқа ўрнатиш калити.
(Кейинроқ мен бу мавзуда шеър ёзган эдим, шеърнинг охирги банди қуйидагича эди:
Хонадон аҳли эшикдан кирар,
Деворни манглай ила тешмайсан.
Муқаддас Китобни ишончсиз бир умр ўқи,
Бироқ асло тушунмайсан.)
Сиёсий бўлимдан келган майор суҳбатдан кейин бошлиқни чақириб, шундай маслаҳат берибди: “Қулоқ сол, Лазуткин, Бойкони изоляторга жўнатаётганингда, бутун отряд командирларини чақирма, акс ҳолда Бойко уларни ҳам ишонтириб, офицерларингдан бир секта пайдо қилади”.
Ҳақиқатан, мени ШИЗОга жўнатаётганларида офицерларни чақирмайдиган бўлди.
* * *
Ярим йил давомида қиш айни авжига чиққанда ўн беш суткадан ўн марта изоляторда ўтирдим. Фақат икки марта ШИЗОда совқотмадим, холос. Суткада 30 – 45 минут ухлай олдим. Камерада 2–3 киши бўлганда, полда елкамизни бир–биримизга тираб ўтириб, бир оз исиниб олардик.
Агар маҳбус ШИЗОда қаторасига бир неча марта ўтирса, аъзолар бардош бера олмайди, одам касал бўлиб қолади. Аммо Худойим мени мустаҳкамларди. Муҳими, жисмоний куч эмас, балки руҳий куч эди. Мен жуда озиб кетдим, аммо Худонинг марҳамати билан таслим бўлмадим. Лазуткин яна мени чақириб, дағдаға қилди:
–Агар сен лагер маъмуриятининг айтганини қилмасанг, сен ҳақингда лагерда, Бойкони маҳбуслар ўлдирмоқчи экан, деб гап тарқатамиз. Ана шунда сен, қутқаринглар, деб ўзинг бизга югуриб келасан.
–Ҳурматли бошлиқ! Маҳбуслар – психологлар сиздан ёмон эмас, улар одамни дарров билиб оладилар. Агар сиз лагерни менга қайрашга муваффақ бўлсангиз, мен ўламан, аммо қутқаринг, деб сизнинг олдингизга келмайман. Чунки Масиҳ мени қутқарган. Мен учун ўлим – ҳаётнинг охири эмас, балки азоб–уқубатларнинг охири, абадий ҳузур–ҳаловатга ўтишдир. Яхшиси, сиз ўзингиз ҳақингизда ўйланг – ўлимдан кейин сизни нима кутаётганини бир мушоҳада қилиб кўринг!
–Худойинг билан бирга изоляторга даф бўл! Сени суд қилишимиз учун ўзимиз бирон нарса ўйлаб топамиз. Билиб қўй: сен у ердан тирик чиқмайсан!
Маҳбуслар бошлиқнинг менга қандай муносабатда бўлаётганини била туриб, улар менинг матонатимга тан беришарди.
Яна – изолятор, олтинчи рақамли камера... Мен бу ерда бир неча марта бўлганман. Бироз вақт ўтгандан сўнг, кимдир бешинчи камерадан деворни тақиллатди.
Коля амаки, шу ердамисиз?
Ҳа.
Яна бир жиноятни сизнинг бўйнингизга осиб қўйишмоқчи. Зекларни қўзғолон кўтарганлари учун судлашмоқчи. Айтишларича, сиз – қўзғолон сабабчиси экансиз.
Сен мени улар орасида кўрдингми?
Йўқ. Мен уларга: “Мени тинч қўйинглар!” деб айтдим, шунинг учун ҳам изоляторга тушдим. Коля амаки, ҳозир лагерда Комсомольск–Амурдан келган прокурор бор. Кўпчиликни чақиртиришяпти, чунки сизга қарши яна бир жиноий иш қўзғашмоқчи.
Мен Лазуткиннинг дўқ–пўписасини эсладим: “Биз сени қонуннинг шундай банди бўйича судлаймизки, пировардида сен бу ердан ҳеч қачон чиқмайсан!” Агар қўзғолон кўтарилса, қонунга мувофиқ, жабрланувчилар бўлса отиш жазосига, жабрланувчилар бўлмаса – 12–15 йил қаттиқ тартибдаги лагерларда сақлаш шарти билан мени озодликдан маҳрум қилишади.
Бир маҳбус билан уч–тўрт оғиз сўзлашиб олганимдан сўнг, бошқа камерадан яна тақиллатишаётганини эшитдим:
- Коля амаки! Улар мени ҳам чақиртиришди ва сизни – қўзғолон сабабчиси, деб кўрсатма беришимга мажбурлашди.
- Қандай қўзғолон? – аниқлик киритдим мен.
- Ҳаммом орқасида бир гуруҳ одамлар йиғилиб, қўзғолон кўтармоқчи бўлишди. Сизни қўзғолонни уюштирганликда айблашяпти.
- Сен у ерда бормидинг? – савол бердим мен.
- Ўша ердан ўтиб кетаётган эдим, мени ушлаб прокурорнинг ҳузурига олиб келишди. Бошқа одамларни ҳам чақиртиришяпти.
- Сен мени у ерда кўрдингми? – такрор сўрадим мен.
- Йўқ! Дўстларнинг айтишича, кимки Коля амакига туҳмат қилса, шундайлар билан прокурорнинг ўзи гаплашар эмиш, натижада гапирган гапидан бутун умр аттанг қилиб юрар экан!
Иккита сохта гувоҳларнинг ўзи етарлича бўлишини, янги жиноий иш қўзғатиб, бошқа ҳукм бўйича қамашларини мумкинлигини мен билардим. Худога шукроналар бўлсин: ҳеч бир маҳбус сўров протоколига имзо ҳам чекмабди, менга қарши гувоҳлик ҳам бермабди.
* * *
Мени ўн биринчи марта ШИЗОга 15 суткага расмийлаштиришди, аммо сохта гувоҳларни топа олмаганликлари сабабли, янги иш қўзғата олмадилар. Жамоатлардан, ҳаттоки чет элдан ҳам расмий илтимосномалар келди. Бироқ жазо муддати тугагунча бу ерда олиб ўтиришмади, мени кейинги этапга юборишди.
Кунлар эса этапли эмасди. Ҳарбий қисмдан машина ва учта қоровул аскарларни чақиртиришди. Мени конвой билан аввал Комсомольск-Амурга, сўнг у ердан Хабаровскка олиб келишди.
Мени юборишган Хабаровск қамоқхонасидаги камерага кирдим. Мен маҳбусларни огоҳлантириб, ҳаёлан ибодат қилдим. Суҳбатлар бошланди; баъзи одамларлар келар, баъзилари эса кетарди.
Навбатдаги этапдан Джем лақабли ашаддий маҳбус келиб тушди. У баланд бўйли, бақувват одам эди. Камерадагилар питирлаб қолишди, қамоқхонанинг пастки супасини бўшатиб, зудлик билан ўзларича дастурхон тузашди. Мен маҳбуслар билан суҳбатимни давом эттирардим, у эса ҳамма вақт бизнинг гапларимизни тингларди, аммо лом-мим демасди.
Бир неча кундан сўнг камерага Прибалтикадан келтирилган маҳбусларни олиб киришди. Уларнинг ичида врачлар, ўқитувчилар бор бўлиб, ташқаридан бир қарашда улар имонли, ўқимишли одамлар бўлиб кўринишарди. Улар менга кўп, ҳаттоки мураккаб саволларни ҳам беришар эди. Худо менга Муқаддас Ёзувларга асосланган ҳолда уларга жавоб бериш мурувватини кўрсатарди. Улар қаршилик кўрсатмай, Муқаддас Китоб кўрсатмаларига амал қилардилар.
Худди шу камерага Старт қишлоғи лагеридан келтирилган яна бир маҳбусни олиб кирдилар. Джем ундан мен ҳақимда сўрай бошлади. Маҳбус тушунтира кетди
“Биласанми, Коля амаки Худога бўлган ишончи учун неча йил ўтирган?! Стартда унинг иродасини букишга қанча уринишган, – у ШИЗОдан умуман чиқмади, аммо уни ҳеч қандай йўл билан эътиқодини синдира олишмади”. Джем уни қунт билан тинглаб бўлгач, менинг ёнимга келди.
Коля амаки, сиз қандай одамсиз–а?! – ҳурмат маъносида сўради у.
Ҳамма қатори оддий, фақатгина масиҳийман, холос.
Қандай?
Инжил баптист–масиҳийман.
Мен ҳам масиҳийман, фақат православ.
Джем гоҳ пичинг, гоҳ жиддий саволларни берар, мен эса пичинг саволларига эътибор қилмай, жиддийларига Ёзувдан жавоб берардим.
Сиз Ёзувдан худди ўқиб бераётгандай жавоб қиляпсиз! – менга хушомад қилди Джем.
Мен тўқиётганим йўқ, Муқаддас Китобда нима ёзилган бўлса, шуни айтяпман.
Сизнинг қўлингизда ҳозир Муқаддас Китоб йўқ–ку...
У менинг юрагимда.
Дўстлар, – дея Джем маҳбусларга мурожат қилди, – агар ҳамма одамлар ҳам Коля амакига ўхшаганида эди, ҳозир ерда бошқача ҳаёт бўларди. – Сўнг менга мурожат қилиб деди: “Коля амаки, мен ўз отамни эслай олмасам ҳам, лекин сизни ўз отамдай яхши кўриб қолдим. Сизга ўхшаган инсонларни мен ҳурмат қиламан”.
Эртаси куни навбатчи эшикнинг очиқ турган дарчасидан этапга жўнатилаётган маҳбусларнинг фамилиясини ўқиди, шу қаторда меникини ҳам.
Эшик дарчаси ёпилди. Навбатчи кетди. Джем эшикка яқинлашиб уни тақиллатди. Навбатчи қайтиб келди.
Нима бўлди?
Бойкони қаерга жўнатишяпти? – мағрурона қаради унга Джем.
Бу сир!
Джем Узоқ Шарқнинг қонундаги бош ўғриси эди. Уни маҳбуслар ҳам, қамоқхона раҳбарияти ҳам яхши танирди, ҳаттоки ундан чўчишарди ҳам. Навбатчи ўзидан Джем ўч олишини биларди, шунинг учун пешанасини тириштириб, мени Заозер қишлоғидаги 13 рақамли зонага жўнатаётганларини айтди. Джем стулга ўтириб, хат ёзди ва уни мен билан бирга босқичга кетаётган зекка берди. У хатни шундай беркитдики, ҳеч бир кўрикда уни топа олишмайди.
* * *
13 зона Хабаровск яқинида жойлашган эди. Келганимиздан сўнг лагер бошлиқлари мен билан узоқ вақт суҳбатлашишди: менинг кимлигимни суриштириб сўрашди ва қайси йўл билан иродамни букиш мумкинлигини аниқлашди. Ва ниҳоят ўйлаб топишди: “Бойко! Сен 8–отрядда ишлайсан, 5–отрядда эса ухлайсан”.
Кечқурун тушликдан сўнг бир йигит ёнимга келди.
Сиз – одессалик Коля амакимисиз?
Ҳа, мен.
Имонлимисиз?
Ҳа.
У бошқа йигитларни ишора қилиб чақирди, улар идишда аямасдан сарёғ солинган бўтқани олдимга қўйишди.
– Олинг, енг Коля амаки!
Нима учун бундай имтиёз?
Джем бизга хат бериб юборибди: “Коля амакини ўз туғишганингиздек қабул қилинг. Мен уни ўз отамдай кўраман, у учун каллангиз билан жавоб берасизлар! Уни қўллаб-қувватланглар ва яна бир гап: ҳеч ким унга қарши оғиз ҳам очмасин!”
Изоляторларда кўп бўлганлигим сабабли, оқибатда ёғли овқатларни ея олмайдиган бўлиб қолганман, чунки аҳволим ёмонлашиб қоларди.
- Раҳмат сизларга йигитлар, лекин тўғри тушунинглар, мен бунча кўп овқат ея олмайман.
- Коля амаки, Джем калламизни олади, илтимос сиз ҳам бизни тўғри тушунинг. Унда қанчасини кўтара олсангиз, шунчасини енг.
- Майли, унда кейинги сафар бўтқага бунчалик кўп сарёғ солманглар.
Улар рози бўлишди.
13 рақамли зонадаги биринчи чоршанба ҳам етиб келди, яъни чоршанба – сиёсий машғулот куни. Мен отряд бошлиғига бора олмаслигимни айтдим ва сабабини ҳам тушунтирдим. Отрядчи сиёсий ўринбосар (замполит)га, у эса ўз навбатида колония бошлиғига етказди. Бироқ бошлиқ мени чақиртирмади.
* * *
Зонада янги этап бошланди. Келиб тушган маҳбус Дмитрий Васильевич Миняков номидан букланган хатни менга астагина тутқазди. Хатни ўқиб, мен ҳайратга тушдим! Маълум бўлишича, мени босқичга олиб кетишгандан кейин худди ўша камерага Дмитрий Васильевични олиб келишибди. Мен ўша камерада ўтирганимни эшитиб, у йиғлаб юборибди. Джем уни юпатиб айтибди: “Истасангиз Коля амакига хат ёзинг, мен эса ўз почтам орқали хатни етказаман!” Хуллас, Джем сўзининг устидан чиқди: қадрдон дўстим, Масиҳ издошидан юборилган хатни менга етказишди, мен бу учун Худога шукроналар айтдим.
XII боб
Мени юборишган Заозернийдаги 13-зонада кунларнинг бирида бутун лагерни сафга турғизишди ва сиёсий машғулот ўтказмоқчи бўлишди.
Мен сафда турдим, лекин ҳамма билан бирга бормадим.
Бойко! – чақирди мени бошлиқ ўринбосари. – Сиз ҳам ҳамма билан бирга мактабга боринг.
Мен сиёсий машғулотларда умуман қатнашмаганман.
Мен сиз билан шахсан суҳбатлашишни истайман.
Розиман, - дедим мен ва ҳаёлан ибодат қилиб, унинг ортидан кетдим. У мени бўш синфга олиб кириб, стол атрофига ўтирди, менга диққат билан қаради.
Бойко, агар эътибор берган бўлсангиз, шу кунгача сизнинг отрядингизга умуман яқинлашмаганман, лекин сизни деб менинг устимдан арз тушибди. Мен Старт қишлоғидаги лагернинг сиёсий ўринбосари Ярков билан учрашиб, сизнинг кимлигингизни аниқладим ва шундан кейин сизни безовта қилмагандим. Мен сизни ўз фикрингиздан қайтармоқчи эмасман. Сиз билан Стартда ҳам шуғулланишган, аммо сиз ўз фикрингизда қолгансиз. Сиздан фақат битта нарсани илтимос қиламан: маҳбусларнинг ҳеч қайси бирига ўз фикрингизни зўрлаб сингдирманг, сиёсий машғулотга ҳам боришларини ман қилманг.
Мен ҳеч қачон бундай қилмаганман ва қилмоқчи ҳам эмасман. Лекин мендан Кимга ишонишимни сўрашса, мен КГБ хизматчиларига ҳам, лагер бошлиқларига ҳам ва маҳбусларга ҳам Масиҳ ҳақида айтаман.
Биз уч соатча турли мавзуларда суҳбатлашдик. Мен ҳаттоки унга минорада Худонинг қутқариш режаси ҳақида сўзлаб бердим.
Мен икки ой Заозернийда бўлдим ва ҳеч ким мени сиёсий машғулотга боришга мажбурламади. Бундан ташқари, ҳамдардлик билдираётган офицерлардан бири менга Жиноят кодексига ёзилган шарҳларни ва меҳнат орқали ахлоқ тузатиш ҳақидаги низомни олиб келди. Унда ёзилишича, сиёсий машғулотда қатнашмаслик режимни бузишга кирмайди.
Шунга қарамай, “Нега Бойкони изоляторда ўтирғизмаяпсиз?” деб, лагер бошлиғига доим даъво қилишарди. Офицерлар менга ён босаётганларини Давлат Хавфсизлик Қўмитасидагилар билиб қолиб, мени зудлик билан Совгавандаги ёпиқ зонага юборишди.
Мен Заозернийда ўтирган вақтимда, хотиним хатида учрашувга рухсат беришларини илтимос қилиб ёзганди. Чунки бу лагерда мен бир марта ҳам ШИЗОда ўтирмадим. Учрашувга рухсат беришди, лекин учрашувдан бир кун олдин қариндошларим билан учрашмаслик учун мени атайин этапга юборишди.
Белгиланган кун етиб келгач Заозернийга иккала қизим келишди. Оператив қисмнинг бошлиғи уларни таниб, деди:
Сизнинг отангизни кечагина олиб кетишди...
Нега? Биз бутун мамлакатни босиб келсагу, отам бўлмаса? – деб йиғлашди қизлар. – Уни қаерга юборишди?
Совгаванга. Лекин билиб қўйинглар, у ер ёпиқ шаҳар, рухсатномасиз сизларни киргизишмайди...
Энди нима қиламиз? – деб кўзларида ёш билан сўрашибди қизларим.
Мен ҳозир бошқармага бораман, кимга учрашишингиз мумкинлигини маслаҳат бераман. Истасангизлар, мен билан бирга боришингиз мумкин.
Қизлар бошқармага келишди. Уларга хона қаршисидаги йўлакда кутиб туришлари айтилди. Улар кутиб ўтирган вақтда, кимдир хона эшигини шундай шарақлатиб ёпдики, натижада эшик қия очилиб қолди ва ичкарида бошлиқ ким биландир телефон орқали гаплашаётгани эшитилибди.
“Агар Бойкога учрашув учун рухсат берсак, КГБ ходимлари нима дейишади?! Бизга ҳеч қаердан жой топилмайди-ку! Бойко ва Миняков –энг хавфли жиноятчилар...”
Бироз вақт ўтгач, қизларни хонага чақиришиб, қатъий оҳангда уларни огоҳлантирдилар:
Уйларингга кетинглар! Ҳеч қандай учрашув бўлмайди!
Биз отамизни анчадан бери кўрганимиз йўқ, наҳотки бизга раҳмингиз келмаса? Айтганчалик, умуман олганда, бизни учрашувга хаққимиз бор!
Улар қанча илтимос қилишмасин – барчаси бефойда. Кўзларида ёш, ғам билан адо бўлган қизлар вокзалга йўл олишди, анча вақтгача ўзларига кела олмадилар.
Одамлар беихтиёр уларга эътибор бериб, хол–аҳвол сўрашар эди. Йўловчилардан бирининг раҳми келиб, уларни Совгаванга олиб келишга сўз берди ва сўзининг уддасидан чиқди! Лекин барибир уларга учрашувга рухсат берилмади. Кўнгилларида ғам ва кўзларида ёш билан қизлар Хабаровскка қайтиб келишди.
Мен эса бу воқеалардан кейин айнан Совгаванда инфаркт бўлдим, мени иккинчи гуруҳ ногирони деб ҳужжат расмийлаштирилди. Ҳолдан тойиб, мен қамоқхона шифохонасидан Бараккача секин–аста юриб келдим.
Бошлиқ ўринбосари мени кўриб, ярамга туз сепмоқчи бўлди. У: “Менинг янги зарбамни Бойконинг юраги кўтара олмайди”, деб ўйлади шекилли.
Бойко, сизнинг олдингизга фарзандларингиз келишганди, лекин учрашув сиз учун ман этилганлиги сабабли биз уларни жўнатиб юбордик, – деди у ва менга узоқ вақт тикилиб турди: бу янгиликни мен қандай қабул қилишимни у кузатаётган эди.
Хўжайин, сизнинг бундай шафқатсизлигингиз, болаларнинг юрагида яхши из қолдиради деб ўйлаяпсизми?! Энди, улар қаерга боришмасин, ҳаммага сиз қандай тошбағир одамлигингизни айтишади.
Мен Баракка юракдаги оғир қайғу билан қайтдим, лекин Хабаровскдан қизларимдан келган хат билан Худо менга тасалли берди. “Отажон, учрашувни уюштиришга ҳаракат қилинг. Биз сиздан жавоб хати олмагунимизча бу ердан кетмаймиз”, – деб ёзишибди улар.
Мен бошлиққа мурожат қилдим, лекин у мени эшитишни ҳам истамади: “Мумкин эмас!” Шундай қилиб, менинг фарзандларим ҳеч қандай натижасиз уйга қайтиб кетишди.
* * *
Совгаванда мен Джем билан учрашдим. Маҳбуслар ишдан қайтганларидан сўнг Джем етмиштача одамни йиғиб огаҳлантирди: “Дўстлар! Сизларга айтган Коля амаки шу бўлади. Зудлик билан омборхонадан тоза чойшабларни олиб унга пастки ўриндиққа жой тўшаб беринглар!”
Барча лагерларда мен юқори ўриндиқларда ухлардим. Старт қишлоғидаги лагерда оёқларимнинг шишига, юрагимнинг хасталилига қарамай мени барибир юқори ўриндиққа чиқишга мажбурлашар эди. “Агар сиёсий машғулотларга қатнашадиган бўлсанг, шундан кейинггина сенга пастки ўриндиқдан жой берамиз!”
Джем тез орада озодликка чиқди. Мен хотинимдан Джемга Муқаддас Китобни, ўзимга Янги Аҳдни бериб юборишини сўрадим. Валя Джемдан, Джем эса ўз танишлари орқали китобни менга бериб юборди.
Бир неча кундан кейин лагерда кўплаб маҳбуслар Худога юз тутди, мен бундан хурсандман, аммо қамоқхона раҳбарияти бундан янада қаҳр–ғазабга тўлиб тошди: мени ШИЗОга қамаб қўйишди.
* * *
* * *
Мен Совгаванда ҳам сиёсий машғулотга қатнашмадим, бу ишимдан лагер раҳбари ниҳоятда ғазабланди. (У баланд бўйли, йўғон овозли, сўзини ўтказадиган одам эди).
Бойко! Машғулотга! – деб у менга ўкирди.
Мен ҳеч қаерда бу машғулотга қатнашмаганман, сизнинг лагерингизда ҳам қатнашмайман.
Бойко! Совет ҳокимияти кучли ва мустаҳкам, буни ёдингиздан чиқарманг! Биз сизни барибир енгамиз!
Ўртоқ майор, барибир бефойда.
Енга олмаймиз дедингми?! – ғазабга миниб мушти билан столни урди.
Йўқ, енга олмайсизлар.
Қамоқда чирийсан, Бойко! Ёдингда тут, сен ҳеч қачон озодликни кўрмайсан!
Ўртоқ майор, агар адашмасам, сиз қачонлардир тарихдан дарс бергансиз.
Ҳа.
Чингизхон ким бўлганини биласизми?
Биламан.
У ҳозир қаерда?
Раҳбар ғазаб отидан тушиб, жим бўлиб қолди.
Унда рим империяси қандай қудратли бўлганини ҳам биларсиз–а, лекин ундан нима қолди? Қани унинг куч–қудрати?
Мен бахслашиб эшик олдида туравердим, раҳбар эса стулда ўтирар эди.
Ўртоқ майор, – дея кўзларига тик боқдим, – ҳали шундай фурсат келадики, сизга қараганимизда сизни кўрмаймиз... чунки сиз бўлмайсиз.
Сенми ҳали, антисоветчи! – деб тўсатдан жаҳли чиқиб кетди.
Кечирасиз, бошлиқ, лекин мен ҳақиқатни гапиряпман: бу ўткинчи дунёда доимий қоладиган ҳеч бир нарса йўқ. Бугун сиз кучли, зўр, сўзингизни ўтказа оласиз, эртага–чи – сиз ҳеч кимсиз, сиз йўқсиз!
Йўқол хонамдан! – деб бақирди у жарангдор, лекин паст овозда.
У мени зудлик билан изоляторга расмийлаштиради деб ўйлагандим, аммо у вақтинча ортга сурди, лекин барибир ўч олди: 15 сутка ШИЗОда ўтириб чиқдим.
* * *
1983 йилнинг август ойларида (тахминан бир йилдан кейин) мени яна Старт қишлоғидаги лагерга олиб келишди.
— Ҳа, қайтиб келдингми?! – деб кутиб олди ичиқоралик билан бошлиқ. — Ана эндиям сен биздан қутулиб бўпсан!
Бошланди… Кетма—кет изоляторлар, 6 ой КТХда (камерага ўхшаган хона) ва яна изоляторлар, мен ҳисобдан ҳам адашиб кетдим. Мен билан шафқатсиз кураш олиб боришарди, мақсад - мени йўқ қилиш. Лагер раҳбариятига менинг нафақат иродамни синдириш, балки Худодан, имондан, биродарлардан воз кечтириш вазифаси юклатилган эди. Мен жирканч ва пасткаш хоинга айланишим лозим эди. Зеро, мен улар билан “биргама—бирга” разиллик қилишим керак эди. Лагер бошлиғининг гапларига кўра, бу уларнинг сўнгги мақсади бўлган. Гарчанд, мен уларнинг хоҳиш—иродасини бажаришга мойиллик билдирмаганлигим сабабли, улар мени “чиритиб” юборишга қарор қилишди. Буни менга жаллодларнинг ўзлари очиқ—ойдин айтишди. Ноқонуний йўллар билан улар мени йўқ қилиб юборишларига ишончлари комил эди.
— Сен сиёсий машғулотларда иштирок этмагансан! — деб таъкидлади режим қисми бошлиғи. — Ҳар холда сенга енгиллик яратишимиз мумкин: машғулотларга келгин–да, қулоқларингга пахта тиқиб олиб, гапларни эшитмай ўтир. Истасанг — ухла, фақатгина иштирок эт, — хушомадгўйлик ва такаббурлик билан кўндирмоқчи бўлди бошлиқ.
Бундан ташқари, зонада менинг орқамдан Хавфсизлик хизмати ходими қўйилганди. Арзимаган мойиллик билдиришимни улар “биргама—бирга” ишлаш учун розилик сифатида баҳолашлари мумкин эди. Қўмита вакилининг доимий равишда зонада бўлиши катта хавф туғдирарди: лагер раҳбарияти ундан жуда қўрқарди, талабни ҳаддан ташқари ошириб юборарди. Ҳар бир машғулотда иштирок этмаганим учун зудлик билан менинг устимдан арзнома ёзилар эди.
Мен изолятордан чиқдим, ҳар доимгидек машғулотга бормадим. Штабга чақиртиришди. Ибодат қилиб бўлгач, ичкарига кирдим.
— Бойко, сизнинг устингиздан жарима изоляторига янги қарор ёзяпман.
Шу пайт бошлиқ ўринбосари кириб қолди.
— Яна ўшами?! Жонингизга тегмадими? — деб сўради у.
— Жаноб бошлиқ, Масиҳ учун азоб—уқубат чекишим — мен учун улуғ ва фахрлидир. Мен Масиҳ учун нафақат азоб чекиш, балки ўлиш учун ҳам тайёрман. Тасаввур қилинг-а: Шоҳлар шоҳи ва Оламнинг Яратувчиси учун азоб чекиш!
— Бойконинг ақли жойида эмас, — деди бармоғини чаккасига қўйиб ўринбосар.
— Майли, ҳозирча изоляторга бориб турсин.
Уларнинг нияти қоралигини мен тушундим. 15 сутка ўтириб чиққач, улар мени Биробиджан ўлкасидаги руҳий шифохонага юборишди.
Мен у ерда бош шифокор билан узоқ суҳбатлашдим. Ўзим ҳақимда сўзлаб бердим, шунингдек, Масиҳ тўғрисида ҳам гувоҳлик бердим.
— Сиз билан суҳбатлашиш ниҳоятда қизиқарли, агар сиз Худо ва эътиқод ҳақида менга яна сўзлаб берсангиз эди, бошим осмонга етарди. Сиз яхши суҳбатдошсиз, шундан кўриниб турибдики, сизнинг ақл-фаросатингиз жойида! — бош шифокорнинг ушбу сўзлари билан суҳбатимиз якун топди.
Менинг гувоҳлигим туфайли имонга келган маҳбусларни ҳам текшириш учун руҳий шифохонага олиб боришди. Лекин уларни ҳам зонага менга қўйилган ташхис билан, яъни “Руҳий соғлом” деб, қайтариб юборишди.
Золим-баттоллар мени жиннихонага тиқиб қўя олмадилар, энди бошқача ҳийла-найрангга ўтдилар: изолятордан чиқиб улгурмасимдан, режим-оператив хизматчиси мени штабга таклиф қилди. Ибодат қилиб, мен хонага кирдим ва одатдагидай эшик олдида турдим.
— Николай Ерофеевич, марҳамат ўтиринг, — деди у ва стулни сурди, — биз жиддий гаплашиб олишимиз керак.
— Гапиринг, мен тик туравераман.
— Йўқ, кириб ўтиринг, — деб мажбурлади у. “Эй Худойим, сенинг сўзларинг орқали менга гапиришимга мадад бер”, — деб ичимда ибодат қилиб ўтирардим мен.
— Николай Ерофеевич, — деб гап бошлади узоқдан. — Бизнинг зонада икки мингга яқин маҳбус бор. Ошхонадан барча маҳбуслар қўлига нима кирса ўғирлаб, бирор нарсага алмаштиради ёки сотади. Бизнинг устимиздан шикоятлар Москвагача етиб борибди. Бошимиз қотган: ошхонага бошлиқ қилиб кимни тайинласак экан? Раҳбарият бир овоздан сизнинг номзодингизни кўрсатди — сиз ҳалол инсонсиз, шунинг учун ҳам бу вазифага маҳбуслар нуқтаи назаридан қаранг. Сизга озодликдаги аёл киши ёрдамлашади. Барча озиқ-овқат маҳсулотлари сизнинг ихтиёрингизда бўлади, хоҳлаганингизча енг, соғлиғингизни тиклаб олинг. Фақатгина тартиб-интизом ўрнатиб берсангиз бўлди. Маҳбуслар сизни ҳурмат қилишади ва ишончимиз комилки, сизга кўмаклашишади. Сиёсий машғулотларга бормасангиз ҳам бўлаверади...
У “қўйнимни пуч ёнғоқларга” тўлдирди, мен эса ибодат қилаётиб бу навбатдаги найранг эканлигини англадим.
— Фақатгина шу сабабли мени чақиртирдингизми?! Кечирасиз, лекин мен жамоатхона хизматкориман. Ўғриларни тутиш менинг вазифамга кирмайди. Бу сизнинг ишингиз.
— Николай Ерофеевич, сиз жисмонан зўриқмайсиз. Сизнинг вазифангиз қуйидагилардан иборат: озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб оласиз, талон-тарож қилинишига йўл қўймай, барчасини қозонга солиб пиширилишини назорат қиласиз. Бизга ёрдам беринг, илтимос, - деб ёлворар эди ҳамон оператив хизматчи.
— Йўқ, - деб рад жавобини бердим ва эшикка яқинлашдим. Эшикни очдим.
— Шошмасангиз-чи! Ҳеч бўлмаса, нон кесиш хонасида меҳнат қилишга рози бўлинг.
— Икки минг маҳбус учун нон кесиш ўзи бўладими... Мен хафақон хасталигига чалинганман–ку, юрагим бундай зўриқишни кўтара олмайди. Мен тунги сменада ишлай олмайман.
— Маҳбусга қўшимча паёк беринг, у барча айтганларингизни бажаради!
— Мен ҳеч қачон ҳеч кимни эксплуатация қилмаганман.
— Николай Ерофеевич, ахир сиз ҳалол, пок инсонсиз-ку!
— Сиз ҳар доим мени қайсар, ўзбошимча баттол деб ҳисоблар эдингиз-ку, шундай эмасми? – деб жилмайдим мен эшикни ёпаётиб.
Баракка келдим. Отряд бошлиғи мени васвасага солишда давом этди:
— Бойко! Ёғлигина ўрин бўшади: дўкончада қоровул бўлиб ишлашни хоҳлайсанми? У ерда кечаю-кундуз қолиш мумкин. Ҳар доим қорнинг тўқ бўлади, сиёсий машғулотга ҳам бормайсан.
— Йўқ, йўқ ва яна йўқ!
— Ахир сени ШИЗОга ташлашмайди-ку!
— Дўкондан кўра ШИЗОда ўтирганим яхши.
Ҳар қандай йўл билан улар менга қарши яна бир жиноий ишни қўзғашга ҳаракатда эканликларини мен тушуниб етдим. Мени гуноҳга бошлашга улар қанчалар уринишди! Кунларнинг бирида штабдан соқчи югуриб келди: “Коля амаки! Сизнинг олдингизга имонли сингил келди!”
Комсомольск-Амурда бир гуруҳ имонлилар жамоати борлигини мен билардим. Улар зонадаги мактабда ва билим юртларида ишлайдиган қариндошларидан менга Юҳанно баён этган муқаддас Хушхабарни бериб юборишибди. Ўйлашимча, бу сафар ҳам кимдир мен билан учрашишга журъат этибди. Ибодат қилдим, аммо юрагим нотинч эди. Мен мактабга келдим (мактаб штабнинг икки қаватли биноси олдида жойлашган эди), ўзим эса ибодат қилдим: “Ё Раббий, агар бу Сендан бўлса, Сен ушбу учрашувни ташкил этишинг мумкин...” Мен мактабга тўғридан-тўғри кирмадим, ён-атрофда бирозгина айланиб юрдим. Қарасам, дераза тирқишидан сингилнинг сояси кўринди. Унинг кийимидан ва хулқ-атворидан бу навбатдаги тузоқ эканлигини англадим. Агар мен унга яқинлашганимда у билан учрашаётганимни кимдир дарров яширин камера билан суратга олиб, мени шантаж қиларди: “Бойко ким биландир учрашди” деб?!
Мен бу ердан оёғимни қўлимга олиб югурдим, Худо мени асрагани учун Унга тинмай шукроналар айтдим.
Агар масиҳий Худони хафа қилиб қўйишдан ёки ранжитишдан қўрқса, агар доимо огоҳ бўлса, инсон қалбининг ёвуз душмани қанчалар тўр ташламасин, Худованд уни мўъжизавий тарзда хавф-хатардан ҳимоя қилади ва маккорнинг тузоғидан қутқаради.
Мен изоляторда бўлмаган пайт оралиғида ҳузуримга ашаддий атеистни юборишди: у мени бу йўлдан қайтаради деб умид қилдилар. Мен унга Худо ва Муқаддас Китоб намоёндаларининг доно фикрларидан мисоллар келтирдим. У ўз гапида турарди: мен Худога эмас, тақдирга ишонаман.
— Тақдир нима дегани ўзи? – деб сўрадим ундан.
— Бу қисмат, - жавоб берди у.
— Қандай қилиб сиз тақдирга ишонасизу, аммо тақдирни белгиловчи зотга ишонмайсиз? Худодан ташқари ким инсон тақдирини бошқариши мумкин?! Бунга фақат Худо қодир!
Тез орада зонага прокурор келди, киши билмас мени имлади:
— Бойко, менга Масиҳ ҳақида бирор нима сўзлаб беринг.
— Исо Масиҳ тарихий шахс бўлса ҳам сиз ишонасизми?
— Биласизми, фан исботлаб бермаган, - деди елкасини қисиб у.
— Эҳтимол, сиз марксистдирсиз?
— Албатта, барча коммунистлар – Маркснинг издошлари.
— Айтингчи, агарда Маркс бўлмаганда унинг издошлари бўлармиди?
— Йўқ.
— Мана саволга ўзингиз тўғри жавоб бердингиз: агар Масиҳ бўлмаганда эди, масиҳийлар қаердан пайдо бўлишар эди?
— Тўғри фикр юритяпсан!
— Агар менга Раббий ваҳий юбормаганда эди, мен тўғри фикрлай олмасдим.
Одамлар билан суҳбатлашганингда, қандай саволларга жавоб бериш кераклигини ҳеч қачон олдиндан била олмайсан. Аммо Худо билан доимий мулоқотда бўлганингда Ишаё пайғамбар китобида ёзилганидек У тўғри жавобларни бизга йўллайди: “Сенга қарши ясалган ҳеч қандай қурол ғалаба қилмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг даъволарини сен йўққа чиқарасан” (54,17).
* * *
Кунларнинг бирида отряд бошлиғи ғаламислик мақсади билан айтди:
Бойко,сиз нега сиёсий машғулот ва кинога бормаётганингизни тушунтириш хати шаклида ёзиб беринг-чи.
Жаноб бошлиқ! Яна қанча ёзиш мумкин? Ахир сизда менинг тушунтириш хатларим бир даста бўлиб ётибди-ку.
Лекин барибир мен сизга такрор айтяпман, яна битта ёзиб беринг.
Мен ибодат қилдим, катакчали икки варақ қоғозга қуйидагича мазмунда хат ёздим: “УССР 1 ЖК 138 модда 2 ва 209- қисмлар бўйича ноқонуний жазога ҳукм қилинган Бойконинг тушунтириш хати. Мен жамоатлар Кенгаши хизматига бирлашган Одесса-Пересип жамоатида хизмат қиламан. Мен – Масиҳ издошиман, Масиҳ таълимоти учун нафақат азоб чекишга, балки ўлимга ҳам тайёрман. Хўш, сизлар ким бўлибсизлар? Ҳали сизларни ҳеч ким қувғин қилгани йўқ, сизлар эса ҳалитдан ўз бошлиқларингизнинг таълимотини бузяпсизлар (коммунизмнинг улкан намоёндалари айтган ҳикматли сўзлардан у сатрлар келтирди). Шуни сизга айтиб қўйишим керакки, ҳар қандай зўравонлик сизнинг ғоявий заифлигингизнинг тўғридан-тўғри белгиси ҳисобланади...”
Тушунтириш хати кенг ва батафсил бўлди, мен уни бошлиққа узатдим.
Иккинчи куни кечқурун мени штабга чақиртиришди. Ибодат қилиб бўлгач, мен эшикни тақиллатдим. Одатга кўра, келганлигим ҳақида рапорт бердим ва эшик олдига турдим. Хонада бошқармадан келган икки киши у ёқдан–бу бу ёққа юришар эди. Стол ёнида полковник ўтирибди. Унинг рўпарасида, яъни столнинг устида менинг тушунтириш хатим турибди.
- Бойко, - деб мурожаат қилди менга майор, - ёзишингизча, сиз Масиҳнинг издоши экансиз. Сиз буни нима билан исботлай оласиз?
- Тушунтириш хатида аниқ ва равшан қилиб ёзилган: Масиҳ таълимоти учун мен нафақат азоб чекишга, балки ўлимга ҳам тайёрман.
- Ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келаверади! Буларнинг ҳаммаси – сафсата! Сиз исботлаб беринг.
Мен хаёлан Раббийга мурожаат қилдим ва майордан сўрадим:
- Менга айтинг-чи, сиз ҳақиқий коммунистмисиз?
- Ҳа.
- Иккимиздан қай биримиз ҳақиқий эканлигимизни билиш учун мени ҳам, сизни ҳам девор ёнига тикка қилиб, отиб ташлаш кифоя. Ана шунда кимнинг қандайлиги дарровдангина аниқланади.
- Ўн беш суткага изоляторга ташлансин! – деб бақирди майор важоҳат билан.
- Бойко, олдимга туш! – деди муғомбир отряд бошлиғи.
- Кечирасиз, жаноб бошлиқ, ахир улар бошқармадан мен билан суҳбатлашиш учун келишган. Изоляторда ётишга ҳали улгураман.
-Юр, юр! – деди отряд бошлиғи қўлимдан тортиб, - акс ҳолда ҳозир муддатингни яна ҳам чўзиб беришади!
-Менга деса юз йил қўшиб беришсин, абадият олдида бу нима бўлибди?! – дедим мен хонадан чиқаётиб.
* * *
ШИЗОда мен нималар билан шуғулланаётганим, маҳбуслар билан нималар ҳақида гашлашаётганим бошлиқларни ниҳоятда қизиқтирарди, шунинг учун улар текшириб кўришга қарор қилибдилар. Изолятор бўйича жавобгар навбатчи оёқ кийимини ечди ва пайпоқчанг оёқ учида камерага яқинлашди. Сўнг гап нимадалигини билиш учун қулоғини камера эшигига тутди. Шу пайт рўпара камерадаги маҳбуслар бақиришди:
“Эй бошлиқ! Уят эмасми! Нималар қиляпсиз? Сизга туйнукдан қараш рухсат этилганлиги камлик қилгандай, энди қулоқларингизни динг қилиб эшитяпсизми?!” Навбатчи оёқ кийимини қўлтиғига қисди-да, коридордан ўқ ургандай отилиб чиқиб кетди.
Лагер раҳбарияти бир нарсани тушунмасди: нима учун маҳбуслар мени бунчалик ҳурмат қилишади? Маҳбусларнинг менга нисбатан ҳурмат-эътибори яққол кўриниб турарди: масалан, мени изоляторга олиб келишганда, ҳамма камералар жонланиб кетарди. Маҳбуслар эшикларни тақиллатиб бақиришарди:
“Коля амакини бизга қўшинглар! У билан бирга бўлганимизда, вақтнинг қандай тез ўтганлигини сезмаймиз!”
* * *
Қаттиқ тартибдаги лагерларда ҳукм бўйича белгиланган беш йил муддат 1985 йили охирлаб қолганди. Муддатнинг сўнгги олти ойини мен КТХда ўтказдим. Чиқишим биланоқ шу заҳоти мени оператив қисм бошлиғи кутиб олди.
- Бойко, ғалабанинг 40 йиллик муносабати билан катта амнистия кутилмоқда. Сизнинг озодликка чиқиш имкониятингиз бор: сиз – уруш қатнашчиси, ногиронсиз, Худодан воз кечдим деб ёзиб беринг, барча муаммолар ортда қолади. Сизнинг оилангиз бор...
- Бундай озодликнинг менга кераги йўқ. Мен ҳеч қачон абадий ҳаётни вақтинчалик ҳаётга алиштирмайман.
Сўнгра мени бошлиқ ўринбосари чақиртирди. У ҳам виждонимни сотишимни таклиф қилди. Бироқ у ҳам рад жавобини олди. Бироқ мен билан опервакил суҳбатлашишни бошлаганда, у очиқчасига деди: “ЖКнинг янги моддаси чиқди: “Мунтазам равишда қамоқхона режимини бузганлик учун – уч йил озодликдан маҳрум қилинсин!””
- Сиёсий машғулотларга қатнашмаганим учун сиз мени жазога тортмоқчисиз. Хўп, сизни коммунист ва атеист сифатида қўрқитиб, ибодатхоналарга, жамоатхоналарга боришдан қатъиян бош тортганлигингиз учун ҳукм қилишса, шахсан сиз нима қилган бўлар эдингиз?
Опервакил бирозгина жим турди, яна ўз гапини маъқуллади:
- Беш йил мобайнида биз сизнинг иродангизни бука олмадик. Яна уч йилга ҳукм қиламиз, барча маҳоратимизни ишга солиб, сизни “мулойим” қилиб қўямиз.
- Жаноб бошлиқ, бунинг иложи йўқ. Худонинг Ўзи менга мадад беради, мен бунга қатъий ишонаман.
- Қамоқда чиритамиз, озодликка чиқиб бўпсан. Болаларингни энди асло кўрмайсан!
- Худонинг айтгани бўлади.
Янги жазога тортишга очиқдан-очиқ тахдиддан сўнг парда орти ўйинлари бошланиб кетди. Яқинларимга янги жазо ҳақида айтиб беришимдан қўрқиб, бизнинг Баракимизга старшина келди ва мени тинчлантира бошлади:
- Коля амаки! Сиз озодликка чиқяпсиз!
- Сенга ким айтди?
- Махсус қисм бошлиғи озод бўлаётган 28 нафар ногиронларнинг ва уруш қатнашчиларининг рўйхатини тузди. Рўйхатда сизнинг ҳам фамилиянгиз бор.
Бироз вақт ўтгач 28 маҳбусни, шу жумладан мени ҳам штабга чақиртиришди. Маҳбусларнинг кийими ўрнига ҳар бир маҳбусга оқ кўйлак кийдириб, қора галстук тақдилар ва суратга туширдилар. Озодликка чиқаришга хужжатлар тайёрланаётган эди.
- Қаерга борасиз? – қизиқиб сўрашди мендан.
- Албатта уйга, оилам бағрига.
Озод бўлиш куни яқин – хурсанд бўлиш керак, бироқ ўринбосар мени яна чақиртирди, гапириш оҳангидан мени яна ҳукм қилишларини англадим.
- Николай Ефремович! Сизга жуда раҳмим келади: сиз яхши одамсиз. Аммо бизга махсус топшириқ берилган: ҳар қандай йўллар билан сизни синдириш ёки чиритиш, озодликка тириклайин чиқармаслик. Нима қиласиз ўзингизни ҳам, бизни ҳам қийнаб? Келишиб олсак яхши бўларди...
Мен узоқ вақт унга Худо, нажот топиш, ҳаёт маъноси ҳақида гувоҳлик бердим. Чиқиб кетаётиб дедим:
- Агар сиз Худога юз тутиб масиҳий бўлганингизда эди, худди мен каби йўл тутган бўлар эдингиз. Худога эътиқод учун юз йил ҳам азоб чекиш мумкин. Мана сиз тоабад дўзахда азоб чекишдан қўрқмайсиз, мени эса ўткинчи азоб-уқубатлар билан чўчитмоқчисиз. Чек-чегараси йўқ абадият учун ҳаммасига чидаш мумкин!
- Бойко! Агар айтганларингизнинг ҳаммаси рост бўлса, унда сиз – дунёдаги энг бахтли инсонсиз.
- Ҳа! Худони билганимдан ва Унга хизмат қилаётганимдан бениҳоят бахтиёрман.
XIII-боб
1985 йилнинг 28 май ойида озодликка чиқариш ўрнига, мени зудлик равишда Комсомольск-Амурдаги қамоқхонага юборишди. Қариндош-уруғларимга икки энли хат ёзишга ҳам имкон беришмади. Яқинларимга мени озод этишмаганини айтиб қўйишларини маҳбуслардан илтимос қилдим. Улар менинг илтимосимни адо этдилар. Мени кейинги этап қамоқхонасига жўнатишгани ҳақида оила аъзоларим маҳбуслардан хат олишибди, рафиқам эса лагерь маъмурияти томонидан озод бўлганлигим ҳақида маълумотнома олибди.
* * *
* * *
Комсомольск-Амурдаги қамоқхонага келгач, қизларим менинг шу ердалигим ҳақида маълумот тўплай бошлабдилар. Уларга мени бу ерда йўқ, деб айтибдилар. Сўнгра қизларим Старт қишлоғидаги лагерга борибдилар. Лагер бошлиғи билан учрашишга муяссар бўлибдилар.
- Сиз отамнинг озодликка чиққанлиги ҳақида бизга маълумотнома юборгансиз, бироқ отам ҳалигача уйга етиб келгани йўқ. У қаерда?
- Қандай маълумотнома?! – ҳеч нарса бўлмагандай таажжубланди бошлиқ. – Менга ўша маълумотномани кўрсатинглар-чи!
Қизларим ёшлик қилиб, ўша маълумотномани бошлиқнинг қўлига топширишибди. Бошлиқ маълумотномани олиши биланоқ уни йиртиб ташлабди.
– Сизнинг отангиз қамоқда! Комсомольск–Амурдаги 2–рақамли тергов изоляторида! Тез орада уни суд қиламиз!
– Биз Комсомольск–Амурда бўлгандик! Отамизни бу ерда йўқ деб айтишди!
– Боринглар, у ўша ерда!
Улар Комсомольск–Амурга қайтиб боришди, лекин барибир учрашувга рухсат беришмади.
Тергов бир ой давом этди. Шу вақт ичида Худо мен орқали мен билан бирга камерада ўтирган икки жиноятчига нажот йўлини кўрсатди. Икки бахтсиз гуноҳкорларга кўрсатилган Худонинг бу марҳаматидан мен йиғлаб юбордим.. Худо мени жамоат ибодатлари орқали тетиклаштирарди. Мен бўлган барча лагерлардаги гуноҳкорларни Худо уларнинг қалбларига яқинлашди, натижада улар тавба қилишарди. Бештадан ўн иккитагача одамлардан иборат гуруҳчалар ташкил қилинди, мен учун бу катта мадад ҳамда тасалли бўлди.
* * *
Лагерда менинг устимдан янги жиноий иш қўзғатилгани билан бир вақтда, 1985 йил 14 майда Одесса шаҳрининг Пересипска жамоатида хизмат қилаётган учта жамоат аъзоларини ҳибсга олишди. Уларни 7 кун ушлаб туришди, кейин ибодатхонага машинада қайтариб олиб келишди. “Мана, сизларнинг хизматчиларингиз! – деб айтишди милиционер ходимлари жамоат аъзоларига. – Ҳеч ким уларни қидирмаяпти! Улар ўз хоҳишлари билан яшириниб олдилар, айтишларича, бу ерда яшашни истамаётган эканлар! Улар ҳеч кимга керак эмаслар, ундан кўра ишга жойлашиб, хотиржам яшасинлар!”
Учала жамоат хизматчиларининг бирини қўйиб юборишди, иккинчисининг устидан янги жиноий иш қўзғатишди, учинчисини эса терговга чақиртириб, махсус хизматга ёрдам берасан деб мажбурладилар.
* * *
* * *
* * *
Мен судда очиқ-ойдин гапирдим: “Бугунги кунга келиб бутун борлиқни ёвузлик қамраб олганлиги аниқ кўриниб турибди. Жаноб судьялар, сиз ва сиз сингари имонсиз одамлар орқали Худонинг муқаддас номи булғанса, биз, азоб чекаётган имон-эътиқодли масиҳийлар туфайли Унинг номи улуғланади. Масиҳнинг қуйидаги сўзлари амалга ошмоқда: “Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақингизда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти бор. Бир қарияни Худа шундай буюк бахтга муяссар қилганидан мен беҳад хурсандман! Нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг муқаддаслигига, Унинг табаррук Жамоати учун азоб чекишга лозим, деб топганидан ниҳоятда миннатдорман! Шунинг учун ҳам Худога шукроналар айтаман! Эшитишни истайсизми ёки йўқми, сизга бир гап айтаман: Хушхабар бутун дунё халқларига, шу жумладан Россияда ҳам тарғиб қилинади, ана шунда ҳаммаси тўгайди!”
* * *
* * *
Шу куни судда Худо менинг юрагимга солганини айтдим. Ҳеч ким бу далилларни тақиқламайди, ҳеч ким уларни рад ҳам қилмайди.
Одамзод абадий ҳаёт кечириш ва Худони улуғлаш учун яратилган, – мана бу ҳаётимиздаги энг оқилона мақсаддир! Ўлим эса – одамзод ҳаётининг якуни эмас.
Бойко, сиз бунга аминмисиз? – деб ойдинлик киритди судья.
Ҳа, мен бунга аминман.
Демак, сиз нариги дунёдаги ҳаётга ва Худонинг борлигига ишонасиз, шундайми?! – унинг овозида камситиш ва захарҳандалик аломати бор эди.
Ҳа, мен чин дилдан ишонаман, шунинг учун ҳам қамоқда ўтирибман! Бугун мен ҳақиқат ҳақида гувоҳлик бераётганимдан шубҳасиз, хурсандман.
Сиз ўтакетган хаёлпарастсиз! – деб, у мени ҳақоратламоқчи бўлди. – Сиз охир–оқибатда ўласиз ва чириб йўқ бўлиб кетасиз. Қарабсизки, шу билан ҳаммаси тугайди! – давом эттирди гапини судья менга тушунтирмоқчи бўлиб. - Мен эса атеистман, мен ҳам ўлиб, чирийман ва ҳаммаси тугайди! Ҳеч қандай абадият ва нариги дунёдаги ҳаёт йўқ!
Жаноб судьялар! Ишонаманки, Муқаддас Ёзувдаги қуйидагича ибора сизларга таниш бўлса керак: “Одамзод нимани экса, шуни ўради”.
Ҳа, таниш, – деб хабардорлигини тасдиқлашга шошилди судья.
Бу чуқур маъноли ибора, шундай эмасми?
Тўғри, – қўшилди судья. – Сен лагерда ўз таълимотингни тарқатдинг, энди эса шунга яраша жазо оласан! Ҳа, албатта, чуқур маънога эга ибора! – деб суҳбатга қўшилди прокурор.
Демак, сиз ҳам ўртоқ прокурор, экиш ва йиғиб олиш қонунига ишонасиз, шундайми?
Умуман олганда, сўзларнинг маъноси тўғри, – тасдиқлади прокурор.
Мен шундай одамларни биламанки, улар жамиятда юқори ўринларни эгаллаб, ниҳоятда ёмон жиноятларни қилганлар. Улар бу ишлари учун ҳеч қачон қамоқда ўтирмаганлар, қолаверса, қабиҳ ишларига қарамай, ўлганларида уларни улуғлаб кўмишган. Агар сиз Муқаддас Китоб сўзларини тўғри деб ҳисобласангиз, қани айтинг-чи, бу жиноятчилар ўйламасдан экканларини унда қачон ўриб оладилар?
Прокурор ҳам, судья ҳам ғазабга келиб, жим бўлиб қолдилар.
Муқаддас Китобда ёзилган: “Одамлар бир кун келиб ўладилар, кейин эса ҳукм чиқарилади”. Ким бўлишидан қатъий назар, агар ўша одам ҳаётлигида экканини ўриб олмаса, унда нариги дунёда ўради! Нариги дунёда албатта ҳаёт мавжуд ва жисмоний ўлим – бу ҳали охират эмас!
Мени айблаётганлар жим ўтиришарди, билмадим, уятданми ёки аламданми қизариб кетишди. Жимликни прокурор бузди.
Бойко! Биз лагердаги зулмга қарши курашяпмиз, сиз бўлсангиз ўз таълимотингиз билан ёшларнинг онгини захарлаяпсиз.
Кечирасиз, лекин сизнинг ёшларингиз ўта бузилиб бўлишган. Дарҳақиқат, зулм ўзи нималигини айтинг-чи? Зулмга қарши курашишдан олдин унинг нималигини билиш лозим.
Зулм – бу мавҳум тушунча, – жавоб берди прокурор.
Ундаги қотиллик, зўрлаш, ўғирлик – бу амалиётдан ажралиб чиққан назария холосми? Ёки исботларга асосланмайдиган мавҳум ва ўйлаб чиқарилган тушунчами?
Прокурор ўзининг шошиб айтган сўзларини нотўғрилигини тушунди.
Зулм – бу салбий куч, гапимга қўшиласизми?
Ҳа, қўшиламан, бу куч.
Албатта, бу на электрик ва на механик эмас, аксинча, маънавий кучдир. Бу кучни олиб юрувчи инсон – иблисдир. Сизнинг зулмга қарши курашишингиз образли қилиб айтганда, зулмни ўстириб чиқараётган дарахтнинг илдизига тегмай, унинг шохини синдиради. Чунки сизлар деярли бутун ер юзини ва шу жумладан, сизларни ҳам забт этган мавжуд иблис кучига ишонмайсизлар. Сизлар иблис қўлидаги воситасизлар, чунки онгли равишда сизлар бегуноҳ инсонни ноҳақ айблаб, унга зулм қиляпсизлар.
Прокурорнинг сабр косаси тўлди. Ғазаб отига миниб, қонунга қатъий риоя қилган ҳолда, мени 5 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб этди.
“У икки йилдан ортиқ яшай олмайди”, – бошини прокурорга эгиб пичирлади судья.
Ёшларни ўзига жалб қилди! Болаларга хор ва мусиқа тўгаракларини очди! – Дея захархандалик билан менинг ишимни ўқиди прокурор. Унинг фикрича, менинг қилган ишларим энг каттик жазога лойиқ эмиш.
Агар сен Худога шунчалик ишонсанг, унда нега У сени қутқармади? – деб савол бериш ўрнига, прокурор минғиллади.
Масиҳни қувғин қилишган, бизни ҳам қувғин қилишади – шундай васият қилинган.
Ўзимни оқлаш учун менга сўз берилди.
Рухсатингиз билан бир шеърни ўқиб бермоқчиман.
Марҳамат, – қаршилик кўрсатмади судья.
Шеър имонлиларга яхши таниш бўлган Забурнинг қуйидагича мисралари билан бошланади: “Қандай бахтлидир софдиллик йўлидан борувчи, Илоҳий Қонун билан юрувчи кишилар...”
“Қандай бахтлидир софдиллик йўлидан борувчи,
Илоҳий Қонун билан юрувчи кишилар.
Бироқ неча-неча авлод ўтса ҳам,
Ёвузлик қилмай яшай олмайди инсонлар.
Масиҳ таълимотидан хабар топса ҳам,
Таълимотга қарши чиқар одамлар:
Заифни хўрлаб, кучлига итоат этиб,
Дарё-дарё бўлиб оқар кўз ёшлар.
Ёлғондан воз кечиш шунчалик қийинми,
Оғирми шунчалик зулм қилмаслик?!
Ёмонликни рад этиб, Худо амр этгандай,
Барчани севиб яшаш осонмас?”
Масиҳга қилган хизматимиз учун,
Зиндонга ташларлар бугун бизларни.
Оила ва биродарлардан айрилсак-да биз,
Бироқ ўз бурчимизда доимо қатъий турамиз!
Масиҳ Жамоати қудратли кучдир!
Ахир Қутқарувчи биз билан, У – содиқ қалқон!
Зулм, туҳмат ва макр ўқидан,
Ўз Қўли ила У бизни ҳимоя қилар!
Масиҳ Жамоатини Ўзига олгач,
Заминни даҳшатли дард-алам босар.
Шунда кўрасизлар бу ҳимояни.
Бахтлидир ҳақиқат йўлин топганлар!
Худонинг ҳақиқати, муқаддас иш учун
Кексайгач отландим жанг майдонига!
Масиҳ Жамоати, биродарлар учун
Ўзимни қурбон айлагайман сизларга!
Мен шеърни ўқиб бўлишим биланоқ, прокурор дик этиб ўрнидан туриб кетди, сўнг киноя билан деди:
Бу шеър учун Бойкога яна ярим йил қўшиб берилсин!
- Жаноб прокурор, ичингиздан зулм қайнаб чиқяпти. Бу иблисдан чиқаётган кучдир.
У бошини қуйи солди.
– Бойко, илтимос, менга шеърингизни бериб турсангиз, мен уни кўчириб олмоқчиман, – деб кутилмаганда гапга қўшилди судья.
Мен қоғозни узатдим. Судья котибага шеърни кўчириб олишни буюрди, ўзи эса жиноий ишни варақлаб ўтириб, менинг хатимни топиб олди (мен бу хатни икки марта қотиллик қилиб, 15 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган ва тавба қилган жиноятчига ёзгандим) ва котибага яна буйруқ берди: “Буни ҳам кўчириб олинг”.
Мажлисдан кейин менга ҳукмни ўқиб эшиттиришди: “Бойко Николай Ерофеевични ЖК РСФСР 188–3модданинг 1 қ. бўйича айбдор деб топилсин ва ушбу моддага биноан 2 йилга озодликдан маҳрум қилинсин
* * *
* * *
Уч кунлик рўзадан кейин, мен ниҳоятда озиб-тўзиб кетдим. Соқолларим олинмаган, кўринишим бир аҳволда бўлганлиги учунми, қўриқлаб ўтирган аскарларнинг менга раҳми келди. “Нимаики келтирган бўлсангизлар, унга беринглар, бироз тамадди қилиб олсин...” дейишди уларга. Мени маҳбуслар учун ажратилган хонага олиб киришди. Ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун унчалик кўп овқат емадим, шарбат ичдим.
Хонадан мен гуллар билан чиқдим.
- Бойко, биз сизни ниҳоятда ҳурмат қиламиз, бироқ қандай қилиб сизни қўлингизда бир даста гул кўтарганингизча, шаҳар бўйлаб автоматлар билан қуролланган аскарлар бошқариб боришади?!
- Хўп, мен нима қилай?
- Гулларни бирор кимсага беринг.
Ён-атрофда ҳеч ким кўринмагач, мен гулларни скамейканинг устига қўйдим. Марказий кўчалардан соқчилар мени одатдагидай кузатиб боришарди: бир соқчи олдимда, иккинчиси орқамдан борарди. Кейин қарашсаки, бошлиқлардан ҳеч ким йўқ, шунинг учун менинг ёнимда бориб, улар инсоннинг ҳаётдаги мақсади ҳақида, Масиҳ тўғрисида, нажот топиш, менинг Худога бўлган ишончим, булар нималарга олиб келиши ҳақида суҳбатлашдик. Шундай қилиб, қамоқхонага ҳам етиб келибмиз. Қарасам, хотиним ва қизим туришган экан.
* * *
* * *
Мени қамоқхонага олиб киришди, ҳамма ёғимни титиб чиқишди. Хатларимни, ёзувларимни, ҳаттоки маҳбус ёнида олиб юриши керак бўлган айблов ҳукмини ҳам тортиб олишди.
XIV боб
* * *
Суддан кейин мен кассацион шикоят ёздим. Шикоят-аризамда мени масиҳий сифатида суд қилганларини таъкидлаб ўтдим. Аслида, судда бир неча бор менга шундай дейишган: “Биз сизни эътиқодингиз учун эмас, балки сиёсий машғулотларга қатнашмаганингиз учун суд қиляпмиз”. Гап шундаки, айблов ҳукмида айтилганидек, мен сиёсий машғулотларга “лагер тартиб-қоидаларига риоя қилмаганлигим сабабли эмас”, балки масиҳий имон-эътиқодим йўл қўймаганлиги учун қатнашмаганман, чунки буни мен гуноҳ деб билганман.
Барча шикоятларимга жавоб бир хил эди: “Талаб қониқтирилмасин. Суд чиқарган ҳукмни қайта кўриб чиқишга ҳеч қандай асос йўқ. Бойкога нисбатан қўлланилган жазо унинг қилмишига яраша белгиланган...”
Лагер бошлиқлари менга шундай таҳдид қилишган эди: “Сен ўз эътиқодингдан воз кечишинг учун биз қўлимиздан келганини қиламиз. Агар шунда ҳам сен ўз эътиқодингдан воз кечмасанг, биз сени “ёпиқ” изоляторларга, заҳ камераларга қамаб, чиритамиз...”. Эльбан лагерида ҳаммаси шундай бўлаётган эди. Сиёсий машғулотларга боришдан воз кечганлигим учун изоляторларнинг ҳисобидан ҳам адашиб кетдим. Кейин мени Камерага ўхшаш хонага 6 ойга қамаб қўйишди.
Менинг организмим дош бера олмади: олдинига қон босимим ниҳоятда кўтарилиб кетди, кейин эса – инсульт... Чап қўлим ва оёғим шол бўлиб қолди.
“Биз сизни санитария бўлимига олиб борамиз...” – дейишди маҳбуслар менга раҳмилари келиб.
Мен эътироз билдирмадим, лекин уколлардан воз кечишга қарор қилдим, чунки мени қўриқлашга тайинланган КГБ ходими мени доимо назорат қилиб туриши керак эди. Таҳмин қилишимча, менинг ҳолатимни янада ёмонлаштиришга у қўлидан келган ҳаракатни қилса керак.
Санитария бўлими бош шифокори мени даволашга мажбурламаслиги учун Раббий унинг юрагини юмшатишини Худога ибодат қилиб сўрадим.
-Сизга нима бўлди? – сўради шифокор.
-Чап томоним ишламай қолди…
У мени текширди ва санитарни шоширди:
-Зудлик билан шприцларни келтиринг!
-Ўртоқ капитан, кечирасиз, уколлардан мен қатъиян воз кечаман.
-Нега?
-Мен ўз Шифокоримга ишонаман, - дедим мен ва ўнг қўлим билан осмонни кўрсатдим. – Масиҳ ўликларни тирилтиради, менинг инсультим Унга нима деган гап бўлибди?!
Бош шифокор кўзларимга тикилиб қаради. Бироз жим туриб деди:
-Хоҳламайсанми? Унда керак эмас!
Мени палатага бир ўзимни ётқизиб қўйишди. Ўнг қўлим ишлаётганлиги сабабли, мен Новосибирск ва Омск жамоатларига мен учун ибодат қилишларини сўраб хат ёздим. (Лагерда 12та яқинларим бўлиб, улар ҳам мен учун ибодат қилишар эди.)
Бир ҳафтадан сўнг қўлим ва оёғим сеза бошлади. Мен соппа-соғ одам каби ўрнимдан туриб, юриб кетдим! Кўпчилик менинг мўъжизавий шифо топишимдан ҳайрон қолди. Одамлар инсультдан кейин ҳеч қандай ўзгаришсиз йиллаб шифохоналарда ётадилар. Ёзган хатимга жавоб олганимдан сўнг мен ҳаммасини тушундим: биродарларим менинг хатимни олишгач мен учун ибодат қилишган, Раббий ўша куниёқ менга шифо ато этган эди. Мен соғломман – бу Худонинг мўъжизаси.
Шунга қарамасдан, мени Биробиджан ўлкасидаги шифохонага юборишди. У ерда ҳамшира қийинчилик билан бармоғимдан қон олди.
-Қонингиз қаерга кетиб қолди? – ажабланарди у.
-Изоляторларда қолиб кетди…
Бир кундан кейин шифокор менга деди: “Сизда инсульт йўқ. Қон босимнинг баландлиги ва юрак хасталиги - умрбод бўлади...”
Мени яна Эльбан қишлоғига юборишди. Олдинига сиёсий машғулотларга қатнашмаганлигим учун изоляторга қамамадилар, кейин эса касал бўлсам ҳам изоляторга ташлашди, - жазо муддати тугагунга қадар шундай бўлди.
Мен Эльбан қишлоғи ИТК/17 бошлиғи, капитан М.И. Мостовойга ариза ёздим. Аризамда ўз масиҳий эътиқодларимга кўра, кинога бормаётганлигимни ва сиёсий машғулотларга қатнашмаётганлигимни, шунингдек, лагер маъмурияти менга куч билан атеистик дунёқарашларни мажбурлашга ҳақ-ҳуқуқлари йўқлигини унга айтдим. Гапларимга тасдиқ сифатида Меҳнат-интизоми қонунияти Кодексининг 19 моддасида келтирилган шарҳни кўрсатдим. 4 банд “Озодликдан маҳрум этиш жойларида тартибнинг асосий талаблари”да шундай дейилган: “Қонун талабларига асосланмаган мажбуриятларни маҳбусларга юклаш ножоиз. Масалан, қамоқхона маъмурияти томонидан ўтказиладиган сиёсий тадбирлар (ташаббус ва шу кабилар)да маҳбусларнинг фаол иштирок этиши, сиёсий машғулотларда қатнашиши мажбурий эмас. Шунинг учун ҳам ҳаваскорлар тўгаракларида ва бошқа оммавий сиёсий тадбирларда иштирок этишдан бош тортган маҳбусларни жазолаш мумкин эмас”.
Мени эса қонунга хилоф равишда, айнан шулар учун доимо жазолар эдилар. Булар камлик қилгандай, ариза ёзганим учун ҳам мени 10 суткага ШИЗОга қамаб қўйдилар.
Изоляторда кўпинча бош оғриқ менга азоб берарди, ҳаттоки санитария бўлимига ётишимга тўғри келди. Жазо муддати охирлаб қолганди. Сургундан олдин негадир иккинчи гуруҳ ногиронлигини учинчи -- ишчи гуруҳга алмаштиришди. Бу ҳийла эканлигини кейинроқ тушундим.
Тез орада мени яна бошқа босқичга чақиртиришди.
* * *
* * *
XV боб
Гарчанд бу қонунга зид бўлса-да, ниҳоятда дармонсиз ва қувватсиз бўлганлигим учун, сургунга мени қоровул аскарларсиз юборишга қарор қилишди. Мен билан бирга бир санитар қизни ва КГБ ходимини қўшиб юборишди.
Лагердан чиқиб кетишимдан олдин бошлиқ қатъий равишда деди: “Бойко, сургунда сен кўп бўлмайсан... Сенинг жойинг шу ерда, бизда...”. Бошлиқ ҳаттоки лагерда имонга юз тутган биродарларим билан хайрлашишга ҳам менга имкон бермади. Мен лагерни тарк этиб кўчага чиққанимда ҳам бошлиқ жойида турганича, тикилиб кузатарди: мен ҳозир кимга имо-ишора қилаётганимни ёки бир-икки сўз айтишимни пойлар эди, токи кейинчалик уларни бошлиқ албатта таъқиб қилиши учун.
Олдинига мени Хабаровскка олиб келишди. Сўнг Амур дарёси бўйлаб кемада икки кун сузиб юриб, Николаевск-Амурга етиб келдик. Юк ташийдиган кеманинг қамоқхонаси жуда ҳам совуқ эди. Ичиш учун сувни соқчилар дарёдан олишарди, дарё суви эса ниҳоятда муздай эди. Мен осонгина шамоллаб қолдим, юрагим, бошим, ошқозоним санчиб оғрир эди.
Николаевск-Амур шаҳри қамоқхонасида ҳамма маҳбусларни битта камерага жойлаштиришди. Камера тор, тиқилинч. Хожат ва ювиниш хоналари ертўлада жойлашганди, на ювиниб бўлади, на кир ювиб бўлади.
13 октябрь куни мени самолёт билан санитария бўлими бошлиғи назорати остида Охота денгизининг яриморолига, Аян қишлоғига олиб келишди. Аян қишлоғи уч томондан тепаликлар билан ўралган бўлиб, фақатгина бир томондан денгизга чиқишга кичкинагига йўл бор. Манзилга етиб келганимизда ҳаво салқин эди, тепаликларни қор қоплаган.
Биринчи кечани меҳмонхонада ўтказдим, кейин сургунда бўлган икки пиёниста-маҳбуслар яшаётган бир капага жойлаштиришди.
Қишлоқ ёпиқ, чегарага яқин зона. Мени кўришга фақат яқин қариндошларим келиши мумкин, ва фақатгина махсус рухсатнома билан.
Эльбан қишлоғидаги лагерда мен сиёсий машғулотларга бормаганим учун мунтазам равишда изоляторларга ташлашарди. У ер зах бўлгани учун доимо жуда совуқ эди. 30-40 дақиқадан ортиқ ухлаб бўлмасди. Совуқ, муздай цемент полга одатда қорним билан ётардим. Бирозгина жойни иситиб олгач, қўлимни бошимнинг тагига қўйиб ёнбошлаб ётардим. Агар дарровдангина чалқанча ёки ёнбошлаб ётилса, шамоллаб сил касалига чалиниб қолиш мумкин. Лагерь маъмурияти интиқлик билан ҳар куни мени сил касалига чалинишимни кутарди, аммо Раббий мени турли ҳасталиклардан сақларди. Ростини айтаман: изоляторда бўлган пайтларимда хурсандчиликдан йиғлардим. Кимдир гапларимга ишонмаслиги мумкин, лекин ҳаммаси рост. Менинг қалбимга хурсандчилик қаердан ёғилаётганини мен билардим: Худо халқининг маҳбуслар учун қилган ибодатлари, айниқса, жума кунларида рўза тутиш билан бирга Худога тез етиб борарди. Худо муқаддас илтижоларга жавоб тариқасида Ўз ҳузур-ҳаловатини осмондан туриб менинг совуқ камерамга юборарди. Ҳа, бутун баданим совуқдан титрарди, аммо Худованд менга Исо Масиҳга нафақат эътиқод қилиш имконини берганидан, балки У учун азоб чекишни раво кўрганидан хурсанд бўлиб йиғлардим. Мен Исо Масиҳ учун лагерларда ўлиб кетишга ҳам розиман ва шундай лаҳзаларни интизорлик билан кутмоқдаман.
Лекин барибир қўлларим ва оёқларимни жуда қаттиқ совуққа олдириб қўйдим, аранг юрардим. Эрталаб туришим биланоқ биринчи навбатда олдин қўлларимни, кейин оёқларимни секин ишқалардим, кейин бирозгина қадам босардим, акс ҳолда қўлимга ҳаттоки тароқни ҳам ушлай олмасдим. Кундузлари суякларим шунчалик зирқираб оғрир эдики, гўё уларни кимдир қайилтириб синдиргандай туюларди. Ўтин ёришга куч йўқ эди, хона эса ниҳоятда совуқ. Сургунга келганлар қишга ўтин тайёрлаб қўйишмаганди, мен эса улардан анча кеч келганман, қолаверса, ўзим ярим жон бўлиб қолгандим.
Биринчи кунданоқ маҳаллий бошлиқлар мени ишга жойлашишимга мажбурлашди, чунки мен III гуруҳ ногирони эдим, демак, меҳнат қилишга лаёқатлиман.
-Мен шу ҳолатим билан ишлай олмайман, - деб тушунтирдим бошлиқларга.
-Сен учун иш жой бор – омборхонада қоровул бўлиб ишлайсан.
-Мен олтмиш уч ёшга кирдим, мен нафақадаман...
-Бизда ҳамма қариялар ишлайди!
Сургунга кетишдан олдин нима учун II гуруҳ ногиронлигини мендан олиб ташлашганини эндигина англадим. Бу ерда мени омборхонада ишлашга мажбурлайдилар ва бирор бир баҳона топиб, атайлик, ўғирлик ёки ёнғин уюштириб, менга яна бошқатдан янги жиноий ишни осиб қўйишмоқчи. Ўйлаб қўйган режалари чакки эмас: зона ёпиқ, олдимга ҳеч ким келмайди.
Мен кетаётганимда қамоқхона бошлиғи бекордан-бекорга шундай деб айтмаган экан: “Бойко, сенинг жойинг сургунда эмас, шу ерда, бизнинг олдимизда!”
Мен меҳнат қилишдан қатъий бош тортдим. Мени қўрқита бошладилар. Шунда мен район ижро қўмитасига бориб, хотиним ва қизимни чақиртиришга рухсат беришларини сўраб ариза ёздим. Хотинимга фақатгина 5 кунга рухсат беришди, холос. Аслида эса, қонунга биноан сургунда бўлган маҳбус ўз оиласи билан яшашга ҳаққи бор.
Раббийнинг ортидан бориш йўлидаги қийинчиликлар – бу биз учун қадрдон, масиҳийча машаққатлардир. Худога юз тутишим биланоқ, Исо Масиҳ босиб ўтган йўлларни менга биринчи кунданоқ кўрсатгани учун, Раббийга шукроналар айтаман ва бу йўл энди меникига айланди. Мен нафақат Уни, балки У учун азоб-уқубатларни севганим учун Худодан миннатдорман. Азоб-уқубатларни севиш қандайдир ғайритабиий бўлиб кўринса-да, аммо бу худди шундай. Мен учун азоб чекиш ғаройиб саргузашт ёки қайғули муқаррарлик эмас. Бу менга нисбатан Худонинг берган буюк ва бебаҳо ҳадяси. Ана шу инъомни ҳаётимнинг сўнггигача сақлашни ва ҳамма нарсада Худога содиқ қолишни қанчалик хоҳлайман.
Ҳар қандай металлни қайта эритиш кераклигини мен биламан, ана шундагина металл эритувчининг кўз олдида у қандайдир бебаҳоликни намоён қилади.
Айрилиқларга мен кўникиб қолганман. Худо мени оғир аҳволда топган ва қутқариб қолган. Мен Раббий учун азоб чекишга ва азоб-уқубатларда руҳан туғилдим.
Мени ишга жойлашишга мажбурлаётганлари ҳақида оила аъзоларимга, шунингдек, Жамоатлар Кенгашларини ҳимоя қилиш Бўлимига ва баъзи бир жамоатларга хабар қилдим. Ўзим эса прокурорнинг ҳузурига йўл олдим. Худованд менга очиб берганидай, вазиятни прокурорга тушунтирдим.
Бошлиқларнинг қабиҳ режалари менга маълум эканлигини прокурор тушунди ва деди: “Сиз бораверинг, милиция бошлиғига ва нозирга ўзим қўнғироқ қиламан... Қонунга кўра, ҳеч ким сизни ишлашга мажбур қила олмайди...”
Жамоатлардан прокурор номига кўплаб илтимосномалар кела бошлади. Мени милиция чақиртирди, бироқ бу сафар бошқа масала бўйича: мен қайта тиббиёт кўригидан (ВТЭК) ўтишим тўғрисида Москвадан буйруқ келибди. Мен рози бўлдим ва касаллигимни инобатга олиб менга умрбод II гуруҳ ногиронлигини беришди. Шундан кейин ишга жойлашиш масаласи бўйича умуман мени бошқа безовта қилмай қўйишди.
1987 йилнинг 10 декабрида рафиқам Валя куёвим билан мени кўргани келишди. Беш кундан кейин учрашув вақти тугагач, хотинимни ҳайдай бошладилар.
“Эрим ниҳоятда бетоб. Уни шу аҳволда ташлаб кетолмайман. Мени бу ердан судраб олиб чиқасангиз ҳам, кетмайман...” – деди хотиним қишлоқ маъмурияти аъзолари билан суҳбатда.
Куёвимиз уйга жўнаб кетди, хотиним мен билан қолди. Бутун декабрь ойи мобайнида хотинимга нисбатан дўқ-пўписа давом этаверди. Мен қадрдон биродарларимга бу ҳақда мактуб ёздим.
1988 йили 7 январда почтада менга М. И. Хоревдан келган телеграммани топришди. Телеграммада шундай ёзилганди: “Ҳурматли Николай Ерофеевич, Валяни рўйхатдан ўтказишдими? Сизларни ўтин билан таъминлашдими? Менга хабар беринг”.
Шу вақтга келиб об-ҳаво жуда совиб кетди, қаҳратон қиш айни авжида, ёқишга ўтин йўқ. Михаил Ивановичга жавоб телеграммасини юбордим:
“Валяни рўйхатдан ўтказишмаяпти, ўтин ҳам беришгани йўқ”.
12 январда бизни ижроия қўмитасига чақиртиришди. – Воажабо! Бир зумда ҳамма ишлар ижобий ҳал бўлди! Валяни рўйхатдан ўтказишди, ўзимизнинг ҳисобимиздан ўтинлар олишга рухсат беришди, қолаверса, қишлоқда кўплаб ўртача уйлар бўш турганлигига қарамай, бизга яшаш учун алоҳида Баракка кўчиб ўтишни таклиф қилишди.
Биз хурсанд бўлиб Худога шукроналар айтдик. Шу кунгача биз эркаклар ётоқхонасида яшаб келгандик, бу эса дўзах ўтида ёнишдай гап эди.
Биз Баракка кўчиб ўтдик. Кўчиб ўтишимиз биланоқ узоқ шарқ қор бўронлари бошланиб кетди. Қор хонамизга роса ёғибди. Биз том тешикларини ёпдик, печкага ўт ёқдик. Сув қайнатиб, музлаб қолган кир полларни тозалаб ювдик. Ошхонада “ТОШКЕНТ”, ичкариги хонада “ВОРКУТА” печкалари ёниб турарди. Хоналарни иситиш учун ўтинларни аямай ишлатдик. 20 январдан то май ойигача совуқ Баракни иситиш учун 20 куб ўтин ёқибмиз.
Ароқхўрлардан алоҳида яшаб, хотиним иккимиз рўза тутишга ва ибодат қилишга кўпроқ эътибор қаратдик, Раббий кўплаб ҳасталикларимга шифо берди, бироқ юрагим ҳамон мени безовта қилиб турарди.
Масиҳий ҳаётнинг узоқ йиллари давомида биз қийин аҳволда яшашга кўникиб қолдик. Масиҳ бу дунёга қандай мақсад билан келганлигини биз жуда кўп эслардик: бой ва бадавлат яшаш учун эмас, балки Ўз ҳаётини бошқаларнинг гуноҳини ювиш учун ва хизмат қилиш учун келган. Шундай экан, биз ким бўлибмизки, бундан-да яхшироқ ҳаётни орзу қилсак?! Биз онгли равишда шундай тор ва қийин йўлни танлаганмиз, шунинг учун бу дунёдан ҳеч бир яхшиликни кутмаганмиз.
Гарчанд биз иссиқ ўлкалардан келган бўлсак ҳам, шимол иқлимига хотиним иккимиз яхши чидадик. Худованд мени кучли совуқлардан ва жазирама иссиқлардан олиб ўтди. Эҳтимол, мен фақат тропик иқлимини синаб кўрмагандирман. Аммо шуни аниқ биламан ва қатъий ишонаман, Раббий билан бирга бўлиш ҳамма жойда яхши.
Турмушимизнинг шарт-шароитлари оддий: стуллар ўрнига биз юмалоқ ёғоч тарашаларда ўтирардик. Якшанба кунлари кечаси соат 12 дан то саҳар 4 гача руҳан Худонинг халқи билан жамоат йиғилишларида бўлардик (бу ерда Москва билан вақт тафовути 6 соат эди).
Қариндошларим ва дўстларим менинг олдимга келиб туришлари учун, мени очиқ зонага ўтказишларини илтимос қилдим. Бироқ Хабаровскдаги аҳлоқ тузатиш корхоналар Бошқармаси менга қарши чиқди. Улар ўз олдиларига мени бўйсундиришнинг иложи бўлмаса, унда қамоқхоналарда чиритиш мақсадини қўйдилар. Улар: “Сен на озодликни, на қариндош-уруғларингни кўрасан! Сен икки йилдан ортиқ яшолмайсан!” – деб, доимо менга дўқ-пўписа қилишарди. Чиндан ҳам, кўринишим бир аҳволда. Аммо Раббий менинг Ҳимоячим эди.
Тез орада хотиним болаларимизнинг олдига қайтиб кетди, ёзни ўтказгани эса менинг олдимга ўғлим келди.
Участка нозири ҳамон мени ёқтирмасди. Кунларнинг бирида учрашиб қолганимизда у мендан сўради:
-Бойко, эҳтимол, бутун вужудингиз бизга қарши қайнаётган бўлса керак?
-Нега сиз бундай ўйлайсиз?
-Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ шунча йилдан бери қамоқдасиз...
-Нега сиздан хафа бўлайин?! Мен Масиҳ учун азоб тортяпман. Сизларга раҳмим келади, чунки сизлар – бахтсиз одамлардирсизлар.
-Ким айтди сизга? – хафа бўлгандай сўради нозир.
-Ўзим биламан. Сиз Худони инкор этиб, абадий ўлим учун яшамоқдасиз, мен эса Худога юз тутганман, самоларда У билан абадий яшашимга ишонаман!
Мен бу одамга Худованд тўғрисида кўплаб гувоҳликлар бердим, лекин нозир ҳеч нимани англамади. Олдинлари у лагер бошлиғи бўлган. Қишлоқда мунтазам равишда менга қарши турли маълумотлар тўплаган ва маҳбусларни менга қарши “чақма-чақарлик қилишга” ундаган. Маҳбусларга қуйидагича саволларни берарди: менинг олдимга кимлар келди? Уйимда бўлиб ўтадиган йиғилишларда кимлар иштирок этди?
XVI боб
1988 йилнинг 27 августида кечқурун мен яшаб турган Барак олдидан бир неча бор милиция машинаси ўтди, мен бунга эътибор қилмадим. (Кейинроқ билишимча, машина кечаси билан навбатчилик қилган экан.) Эрталаб эса менинг хонамга навбатчи милиционер кириб келди ва соат 11да маҳкамага келишимни айтди. Мен ибодат қилдим ва маҳкамага айтилганидан 15 дақиқа вақтли келдим.
-Мени кимдир чақиртирдими?
-Паспорт столига киринг, - деди хавотирланиб навбатчи.
Ибодат қилдим. Сўнг кирдим. Стол атрофида паспорт бўлимининг бошлиғи ва майор мансабидаги чегарачи ўтирганди, - тинчликми, нима бўлди экан?!
-Бойко, сизнинг олдингизга икки имонли келибди ва улар сиз билан учрашиш истагида эканлар, қарши эмасмисиз? – ҳаяжонланган бошлиқ мени синамоқчи бўлгандай, кўзларимга тикилиб қаради. Мен учун бундай янгилик – томдан тараша тушгандай эди. Чақиртирилмасдан ким мени олдимга келиши мумкин, ахир зона берк бўлса?!
-Тўғри, улар чегарани бузиб ўтишибди, - деди мени таажжублантириб,- лекин учрашишмоқчи. Сиз қарши эмасмисиз?
Қалбимдаги хавотирлик босилгандай бўлди: мен учун ким чегарани бузиб ўтиши мумкин? – Фақатгина биродарларимиз!
-Албатта, қарши эмасман! – дедим мен зудлик билан розилик билдириб.
Хонага икки биродарни олиб киришди, мен уларни биринчи бор кўриб туришим. Хурсандчиликдан юрагим ҳапқириб кетди. Биродарларимизнинг шодликдан юзлари ёниб турарди! Саломлашиб йиғладик, сўнг танишиб олдик.
Неча йиллардан бери имондаги биродарларимни кўрмаган эдим! Улар Тошкентдан келишибди. Улардан бири, имонга юз тутмасидан қамоқхонада ўтирган экан. Қамоқхонада Омск шаҳридан келган маҳбус биродаримиз билан танишиб қолиб, тавба қилибди, Раббийнинг халқини, айниқса маҳбусларни севиб имонга юз тутибди. Шундан сўнг ёпиқ зонага мени кўриб кетиш учун келибди!
-Олдин сизлар бир-бирингизни танимас эдингизми? – хайрон бўлиб сўрашарди дам бошлиқ, дам чегарачи.
-Йўқ.
-Бойко қандай инсон ўзи? Йиғлайди, шодланади, мутлақо бегона одамларни биродарлар деб атайди! Ахир у бу одамларнинг нафақат исмларини, балки фамилияларини ҳам билмаса керак?!
-Биз имонлилармиз! Биз Масиҳдаги биродарлармиз. Бир-биримизни фақат хатлар орқали билардик...
-Сизларга суҳбатлашиш учун 45 дақиқа бераман! – деди сахийлик билан бошлиқ, уларга қараб ҳайратланар экан.
Биродарларимизнинг айтишларича, улар узоқ вақтдан бери тутқинликда бўлган ва чекка-чеккаларда яшаётган биродарларни бориб кўриш истагида эканлар. Биринчи бўлиб мендан бошлашибди, кейин Иван Яковлевич Антоновни ва Евгений Никифирович Пушковни кўришга боришар экан.
Бошлиқ бизнинг хурсанд бўлишимизни узоқ кузатиб турди, охири чидамай сўради: “Менга қаранглар, - деди у биродарларга мурожаат қилиб, - сизлар кап-катта одамсизлар, қандай қилиб ёввойи тўқайзорлардан пиёда юриб келишга журъат қилдингизлар?! Тепаликлардан бир юз йигирма километр яёв юришнинг ўзи бўладими! Тўқайзорда айиқ ва кўплаб ёввойи ҳайвонлар тиқилиб ётибди... Сиз нималар ҳақида ўйладингизлар?!
-Биз имонлилармиз. Ибодат қилдик. Бизни Раббийнинг Ўзи етаклаб олиб келди. Айиқлардан қўрқмаймиз.
-Наҳотки айиқлар кимлар имонлию, кимлар имонсиз эканлигини билишса?
-Барча жониворлар бунинг фарқига боришади, фақатгина одамзоднинг фарқлашга ақли етмайди. Биз Худога ишонганимизда, ҳеч бир жонзод бизга тегмайди, чунки барча жонзод Худога бўйсунади. Одамлар эса Унга бўйсунишни хоҳламайдилар.
-Сизларнинг ҳеч бўлмаса, пичоқларинг бормиди?
-Нега? Бизнинг ҳимоячимиз ва қалқонимиз – Худованд.
-Сизлар жуда ғалати одамсизлар...
-Жаноб бошлиқ! – мурожаат қилишди биродарлар. – Рухсат беринг, биз Бойконинг уйига бориб, қандай яшаётганини кўриб келайлик, бирор пиёладан чой ичайлик.
-Шу ерда гаплашишларингга рухсат берганимиз учун шукр қилинглар!
Бизнинг ҳеч қандай яширинча гапларимиз йўқлигини, ўзимизни сипо ва босиқ тутаётганимизни кўрган бошлиқлар, бизни ҳоли қолдириб ташқарига чиқиб кетишди. Раббий қандай қилиб биродарларимизни Тошкентдан Аянагача олиб келганлигини улар сўзлаб бердилар.
“Ҳали Тошкентда эканлигимизда, рухсатномасиз фақатгина Нелькан қишлоғигача етиб келишимиз мумкинлигини билганмиз, - деб ҳикояларини бошлашди биродарлар. – Нелькандан Аянагача 120 километр ёввойи тўқайзорлар. Тошкентдаги биродарларимиз бизга бормасликни маслаҳат бердилар, аммо пиёда етиб келишимизга бизнинг ишончимиз комил эди. Хабаровскка келдик, бу ердаги биродарларимиз ҳам шундай деб айтишди: “Таваккал қилманглар!” Лекин биз барибир йўлга чиқдик. Богородскка келиб, синглимиз Нина Андреевна Вьюшкова билан учрашдик (у ёшлигида Аянада ишлаган). У ҳам биз ўзимизни хавф остига қўймаслигимизни маслаҳат берди.
-Сизлар у ерга ҳеч етиб боролмайсизлар. У ерга олиб борадиган ҳеч қандай йўл йўқ, фақат тўқайзор, тепаликлар ва ўтиб бўлмас ботқоқликлар...
-Биз Худога ишонамиз, у ерга бизни қандай олиб боришни У билади.
Богородскдан биз Николаевск Амурга бордик, у ердан кейин самолёт билан Нельканга учиб келдик.
-Аянга қандай етиб боришимиз мумкин? – деб сўрадик биз маҳаллий аҳолидан.
-Фақатгина самолёт билан, - жавоб беришди бизга, - аммо у ерга бориш учун рухсатнома керак.
-Илтимос, қайси томонга юришимиз кераклигини кўрсатиб юборинглар.
-Тўқайзорда мутлақо йўллар йўқ! Юрадиган йўл йўқ, англаяпсизларми? – бизга тушунтирмоқчи бўлди қишлоқ аҳолиси.
-Агар билсангиз, қайси томонга йўл олишимиз кераклигини кўрсатиб юборсангизлар, - чекинмадик биз.
-Мана бу телеграф симёғочлари Аянагача етиб борган, сизлар ахир симёғочларнинг устидан юрмайсизлар-ку?!
Бу - ишончли ориентир,- деган қарорга келдик биз. Ибодат қилиб, йўлга тушдик. Бир сутка юрдик, кейин яна бир сутка. Кечаси биттамиз ухлаганимизда, иккинчимиз олов олдида ўтирардик. Ўзимиз билан озиқ-овқатни кам олганмиз, асосан диний адабиётни олиб бораётган эдик.
Тўқайзорда топган мевалар билан озиқланардик. Шу тарзда уч сутка юрдик. Учинчи куни рўпарамиздан қўзиқориндай ердан икки чегарачи чиқиб турибди.
-Тўхтанглар! Қаерга боряпсизлар?
-Аянга.
-Кимсизлар? Жосусмисизлар? Хужжатларингиз қани?
-Биз жосус эмасмиз. Мана паспортларимиз.
Чегарачи олдин битта паспортни, кейин иккинчисини очиб кўрди... Таажжубдан кўзлари олайиб, юзлари чўзилиб кетди.
-Қулоқ солинглар, сизлар Тошкентдан Аянга кетяпсизларми?! Кимнинг олдига?
-Имондаги биродаримиз ҳузурига.
-У қандай биродар?
-Николай Ерофеевич Бойко. У Аянада сургунда.
Чегарачи хужжатларимизни чўнтагига солди ва бизни чегара заставасига олиб келди. Шу ерда сўроқлар бошланди.
-Нега пиёда кетяпсизлар?
-Бизнинг рухсатномамиз йўқ.
-Шу ерда ўтириб туринглар... – деб аскарлар билан бизни қолдиришди.
Бошлиқлар кетишди, эҳтимол, суриштиришса керак: Аянада Бойко исмли маҳбус бормикан? Бизни эса аскарлар ўраб олишди. Биз сидқидилдан уларга Масиҳ ҳақида ҳикоя қилиб бердик. Барча адабиётларнинг ҳаммасини уларга улашдик. Узоқ заставада Худонинг Каломига бўлган чанқоқликни ҳеч қаерда ҳали кўрмаганмиз.
Уч соатлардан кейин бошлиқлар қайтиб келишди. Қонунга кўра бизга жарима тўлатишди, ҳар қандай йўлда ёки йўлсиз жойларда ҳам юра оладиган машинага ўтирғизиб, бизни кўзлаган манзилимизга – Аянага олиб келишди. Бир кечага шу ерда олиб қолишди”.
Фавқулотда ҳодиса тўғрисида Хабаровск шаҳрининг лагерлар Бош бошқармасидагилар ҳам, КГБ ходимлари ҳам хабар топишибди. Уларнинг ҳаммасини тревога орқали оёққа турғазишибди! Ходимлар бошқа нарсадан хавотир олганлар. Тошкентдан келган бу икки киши айғоқчи бўлиб, уларнинг кетидан келаётган босиб олиш гуруҳи “Бойкони сургундан қутқарса керак!” деб, тахмин қилишган.
Кейинроқ қишлоқ бошлиқлари ғазабланиб, менга таъна қилдилар: “Ҳаттоки декабристлар ҳам, сизнинг баптистларинг каби ҳаракат қилишмаган!”
Биз биродарлар билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, бошлиқлар келишди: “Қани бўлинглар! Ҳозир машина келади ва сизларни олиб кетади...”
Биз кўчага чиқдик, у ерда – КГБ ходимлари, участка нозири, халқ тўпланганди. Менинг олдимга биродарларнинг келганлиги ҳақидаги хабар нафақат қишлоққа, балки бир зумда ҳамма ёққа тарқалибди.
-Сиз қандай одамсизлар, тушунтириб беринглар? – деб мурожаат қилди участка нозири биродарларга. – Тўқайзорлардан яёв юришга қандай журъат этдингизлар?! Қўрқмадингизларми?! Тўқайзорларни қўяверинг, ана Бойкодан сўранг-чи, Аянга қанчадан-қанча айиқлар ташриф буюради!
-Ҳа, айиқлар тез-тез келиб туришади, - маъқулладим мен.
-Худованд бизни ҳимоя қилди, биз айиқларни кўрмадик ҳам! Айтганчалик, имонлиларга ҳаттоки оч қолган шерлар ҳам яқинлашмайдилар! – Биродарлар Муқаддас Китобдан Дониёр ҳақидаги ривоятни сўзлаб бердилар. Худога содиқлиги учун Дониёрни ўрага ташлашганида, шерлар унга тегишмаган.
-Сизлар билан гаплашиш оғир, - оғир нафас олди нозир.
-Айтинглар-чи, нима мақсадда сиз ўз ҳаётингизни хавф остига қўйдингиз?
-Ахир биз айтдикку: биз ҳурматли биродаримизни ва Худонинг иши учун сургунда юрган дўстимиз Бойко Николай Ерофеевични кўргани келдик.
-Сизлар олдин бир-бирингизни билганмисиз? – қайта бериларди саволлар.
-Сиртдан. Масиҳ бизни бирлаштирди.
-Масиҳ ким?
Шу каби ва бошқа саволларга биродарлар очиқ-ойдин жавоб қайтардилар, ва Худо ҳақида дадиллик билан гувоҳлик бердилар.
Машина келиб тўхтади.
“Ўтиринглар”, - деб таклиф қилди азиз меҳмонларимни чегарачи.
“Биз ҳозир ибодат қилиб олайлик, биродарларимиз орқага яхши етиб боришлари учун Худодан марҳамат сўраймиз”, - дедим мен.
Бизга рухсат беришди. Ҳар биримиз оломон кўз ўнгида баланд овоз чиқариб ибодат қилдик. Хурсандчиликдан кўзларимиздаги ёш билан биз хайрлашдик. Биродарлар чегарачи ва икки нозир кузатуви остида “бобик” милиция машинасига ўтиришди.
Мен ўз Баракимга йўл олдим. Буюк хурсандчиликдан кўзларимда ёш. Биродарларнинг мени кўргани келиши – бу Худонинг менга кўрсатган иноятидир. Мен Худога яна бир бор шукроналар айтдим ва Тошкентга мактуб йўллашга қарор қилдим, чунки жамоат аъзолари биродарларимиздан хавотир олишаётган бўлишса керак. Хат ёзишга ўтирдим... Биродарларимизнинг фамилияларини билмайманку, хатни кимга йўллашим мумкин?
Милиция бўлимига қайтиб бордим. Паспорт бошлиғининг хонасини астагина тақиллатдим. Менга киришга рухсат беришди. Кирсам, хонада ҳамма ўтирган экан, уларнинг орасида КГБ хизматчиси ҳам бор. Улар фавқулотда вазиятни муҳокама қилишни давом эттиришаётган экан!
-Жаноб бошлиқ, кечирасиз. Мен Тошкентга хат ёзмоқчи эдим, аммо биродарларимнинг фамилияларини билмайман...
-Унга қаранглар! – деди бошлиқ ўтирганларга мурожаат қилиб. – Унинг биродарлари эмиш! Уларнинг на исмини, на фамилиясини билади! – бошлиқнинг юзида табассум, кўзлари эса меҳрга тўлиб.
-Биз Масиҳдаги биродарлармиз, - мен таниш, лекин улар учун тушунарсиз бўлган бу иборани нечанчи марта қайтаришим.
-Уларнинг биттасини фамилиясини биламан, иккинчисини – ҳозир топаман, - деб жавоб берди менга бошлиқ ва тиржайганича, столнинг устида турган қоғозларни титкилай бошлади.
-Бойко! Ўтиб бўлмайдиган тўқайзор! Айиқлар! Уларнинг эси борми ўзи?! – деб фикр юритарди райисполком бошлиғи овозини чиқариб.
-Улар ибодат қилишди ва ишонч билан йўлга чиқишди. Худонинг Ўзи уларни асради!
-Қанақа Худо! Айиқлар Худо билан ҳисоблашиб ўтиришадими?
-Бўлмасам-чи!
-Бойко, қулоқ солинг: агар кимдир сизни яна кўргиси келса, рухсатнома олишга ариза ёзишсин. Биз рухсат берамиз, энди ҳаётларини бошқа хавф остига қўйишмасин, илтимос.
-Биродарлар мени кўришга келишларини билмаганман. Агар кимда-ким келишини айтадиган бўлса, албатта рухсатнома олишларини маслаҳат бераман.
Паспорт столи бошлиғи менга биродарларнинг фамилияларини айтди ва мен орқамга қайтдим.
Тошкентга мактуб йўлладим: “Ҳурматли биродарлар ва сингиллар! Мен сизнинг жамоатингиздан келган биродарлар билан учрашганимдан жуда хурсандман! Улар ўз эътиқодлари бўйича истаганларига эришдилар. Аммо уларни қаерга олиб кетишганини мен билмайман...”
Ўшанда вақт нотинч эди: КГБга олиб кетиб, “жосуслар” сифатида ҳукм қилган бўлишлари мумкин. Қонунсизлик ўша йилларда оддий ҳолдай кўринган. Мен ҳурматли биродарларим учун Худога ибодат қилдим.
Тез орада Тошкентдан жавоб хати олдим: “Ҳурматли биродарим, асло хавотир олманг! Сиз билан учрашувдан сўнг, улар И. Я. Антоновни ва Е. Н. Пушковни кўргани боришибди. Ҳозирда эса, улар уйга қайтишмоқда...”
Биродарларимиз озодликда! – мен Худонинг марҳаматидан миннатдор бўлдим ва Унга шукроналар айтдим.
Бироз вақт ўтгач биродарларнинг ўзларидан мактуб келди: “Николай Ерофеевич! Бизни Аяндан шоҳларнинг Шоҳи ўғиллари сифатида кузатиб боришди. Махсус самолёт чақиртиришди ва иккимизни Николаевск-Амурга кузатишди. У ердан – Хабаровскка, Хабаровскдан эса – Тошкентга. Сизни кўрганимиз учун Худодан миннатдормиз...”
Биродарларимиз келиб кетишганидан сўнг, қишлоқ бошлиқларининг менга бўлган муносабатлари сезиларли даражада ўзгарди. Улар имонлиларнинг соддадиллигини ва самимийлигини, бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббатни кўришди. Биродарлар мени кўриш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйганлари ҳаммага маълум, бошлиқлар беихтиёр менга ҳамдардлик билдирардилар.
Участка нозири менинг олдимга тез-тез келиб турадиган бўлиб қолди.
-Баптистлар ниҳоятда тажовузкор бўлиб, совет ҳукуматини ёмон кўришади, деб айтишган бизга... Сизларни қанча кузатдим, сизлар – яхши одам экансизлар.
-Биз учун ҳар қандай ҳокимият – Худодандир. Эътиқод масаласидан ташқари, биз ҳамма нарсада ҳокимиятга бўйсунамиз.
-Сиз қандай одамсиз ўзи?
-Инжилни ўқинг, мен кимлигимни ўшанда тушунасиз.
-Мен Инжилни ўқисам бўладими? Мумкинми?
-Худо сизни яхши кўришини ва сизни қутқармоқчи эканлигини билиш учун, сиз албатта Инжилни ўқишингиз керак. Келажакда сизни нима кутаётганлигини ва абадиятни қаерда ўтказишингиз мумкинлигини билишингиз лозим.
XVII боб
1988 йилнинг сентябр ойида милиция бошлиғи мени чақиртирди. Кўринишидан у нимадандир ташвишда эди.
- Бойко, сиз “Аргументы ва факты” газетасидаги мақолани ўқидингизми? – хўрсиниб сўради у.
- Ҳа, ўқидим.
- Гап нимадалигини тушундингизми, барча имонлиларни қамоқдан озод қилишар экан, сизни эса негадир йўқ? – бошлиқ менга синчиклаб қаради ва қандай жавоб беришимни кутди.
- Худога шукур, барча жамоат хизматчилари тез орада озодликка чиқишади! Менга келсак, Худо менга қанча қамоқда ўтиришни раво кўрган бўлса, шунча ўтираман. Худо ҳақида одамларга гувоҳлик бериш учун мен Аянда умримнинг охиригача қолишга ҳам розиман.
Бошлиқ жим туриб мени тинглади ва менга қандай жавоб қайтаришни билмай, елкасини қисиб қўйди, холос.
- Биласизми, - узоқ сукунатни бузиб унга мурожат қилдим мен, - сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман: шу муносабат билан менга таътил берсангиз, бориб оилам билан кўришсам. Уларни кўрганимга ҳам 8 йилдан ошибди! Ҳаттоки, набираларим ҳам бобосини бирор марта кўрмай катта бўлишмоқда.
У бошини кўтарди, қатъий бўлмаса-да, аммо ҳукмини ўтказмоқчи бўлиб деди:
- Бойко, ўзингиз жуда ҳам яхши биласиз: сизга таътил бериш ман этилган, чунки сиз меҳнат қилмайсиз. Хуллас, - у бир дақиқа жим бўлиб қолди, - уч кунлардан кейин олдимга киринг, мен бу вақт ичида Хабаровск бошқармасига қўнғироқ қиламан...
Мен чуқур ўйга толганимча, орқамга қайтиб кетдим. Илгарилари жамоат хизматчиларини ҳибсга олишдан олдин, газета, радио ва телевидение орқали бутун дунёга ёмон сўзлар билан уларни ҳақоратлашарди. Бу фақат битта мақсадда қилинар эди: халқда имонлиларга нисбатан нафрат уйғотиш, сўнг эса уларнинг эътирозларига қарамасдан, хизматчиларни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш. Ҳозирда эса бу вазият олдингидай тус олди, газетада ёзилган бўхтонларга кўра, жуда хунук воқеалар юз бераётган эди.
Ҳаётга тажовузни ёки янги муддатга жазоларни кутиш мумкин, - жамоатчилик таъсирчан газеталар орқали олдиндан шайлаб қўйилган.
Аянда яшаётганимга ҳам бир йил бўлиб қолибди. Шу қисқа вақт ичида милиция ходимларининг баъзилари оилалари билан Инжилни, бошқалари эса Муқаддас Китобни ҳам ўқиб чиқишди. Қишлоқда имонлилар жамоати гуруҳи ташкил этилди. Аянга келганимдан кейин бир мунча вақт қишлоқ аҳолиси менга қарши эди, аммо менинг ҳаёт тарзимни, оиламни ўзини тутиши кўриб, уларнинг менга бўлган муносабатлари ижобий томонга ўзгарди. Мен уларга Худо ҳақида гувоҳлик берганимда, гапларимни диққат билан тинглардилар.
Уч кундан сўнг мен милиция бошлиғининг ҳузурига келдим.
-Хабаровскдан қандай жавоб келди?
-Бойко, сизни хурсанд қилмоқчиман: уйингизга бориб, оила аъзоларингиз билан учрашишга сизга рухсат этишди. – Бошқаларга қараганда, мен билан яхши муносабатда бўлган комендантга мурожаат қилиб, ундан сўради: - Таътилга бориб келиш учун Бойкога неча кунга рухсатнома берамиз?
-Бойко қанча хоҳласа, шунчага жавоб берамиз, - деди бошини кўтармай хотиржамлик билан комендант.
Уларнинг гаплари мени ҳайрон қолдирди, майли ҳаттоки таажжублантирди ҳам. “Мамлакатда нималар юз бермоқда?” – ҳайратланардим мен.
-Ҳеч бўлмаса бир ойга, - илтимос қилишга журъат этдим мен.
-Бир ойга рухсатномани расмийлаштиравер. Кетаверсин... Барча маҳбуслар агар Бойкога ўхшаганларида эди, биз ҳеч нарсадан ҳавотир олмасдик, бизга қиладиган иш ҳам қолмасди.
Маҳбус сифатида хужжатларимда, менга йўналишларни белгилаб беришди. Мен белгиланган йўналишдан четга оғмаслигим керак. Акс ҳолда, мени тўхтатиб, қонунни бузганликда айблашлари, кейин эса шунга биноан жазо белгилашлари мумкин.
Менга берилган таътил ҳақида уйдагиларга хабар бердим. Одессага учиб кетаётганлигимни яқинларим билиб, мени озодликка чиқди, деб ўйлашибди. Жонажон жамоатимга мен бевосита Ҳосил байрами арафасида етиб келдим.
“Мана нима учун Ҳосил байрамини нишонлашни жамоатимизда икки марта ортга суришган экан! – хурсанд бўлшарди биродарлар. – Сизнинг келишингизни Худо билган!”
Бир неча кундан кейин менинг олдимга биродарлик хизматчиси Михаил Сергеевич Кривко келди. Жонажон хизматдошим билан учрашганимдан бениҳоят хурсандман, ўтмишда у ҳам мен каби, Масиҳ иши учун бир неча бор қамоқхоналарда ўтириб чиққан.
-Николай Ерофеевич! Ношир биродаримиз Николай Боринский озодликка чиқибди. Кўплаб имонлилар учрашувга ташриф буюришади, у сизни ҳам таклиф қилмоқда.
-Менинг рухсатнома қоғозимда бу йўналиш белгиланмаган.
-Азиз биродарим, келинг ибодат қиламиз, Худонинг Ўзи бизнинг ишимизни ўнглайди.
-Тўғри айтасиз, Михаил Сергеевич! Ибодат қиламиз, Раббимиз бизни турлича текширувлардан ва барча кўнгилсизликлардан сақлайди! – мамнуният билан розилик билдирдим ва тўлиқ Худонинг марҳаматига умид боғладим.
Юрагим тинч, мен Худо халқини азиз маҳбуси билан бўлиб ўтган қувончли учрашувида иштирок этдим. Мени ҳам анчадан бери кўплаб биродарларимиз кўришмаган эди, биз салом-алик қилиб бўлгач, узоқ суҳбатлашдик. Мулоқотимиз жуда кўнгилдагидек бўлди.
Мен белгиланган йўналишдан яна оғиб, у ердан ватаним, Вознесенскка бордим.
Уйга қайтиб келганимда, хотиним мени ажойиб хушхабар билан кутиб олди:
“Коля, Аяндаги милиция бошлиғидан телеграмма келди. Телеграммада ёзилишича, сиз зудлик билан қайтиб бориб, озодликка чиққанлигингиз ҳақидаги хужжатларни олиб келар экансиз”.
Ҳаммаси кутилмаганда юз берди, ишониш ҳам қийин: наҳотки мени сургунда бўлишим бекор қилинган бўлса? Таътилда эндигина ярим ой бўлдим, ва тўсатдан орқага қайтишим ҳақида хабар келса?!
Доимо яхшиликни ҳисобга олмай, одамзод ёмон нарсаларга тайёр туради. Бу сафар фақатгина мени эмас, балки кўплаб асирларни Раббий ҳайратда қолдирди: мустаҳкам ришталарни бузиб Ўз фарзандларини озодликка чиқарди. Худованднинг мўъжизавий ғалабаси таъқиб этувчиларга ҳам, Худо халқига ҳам намоён бўлди.
Аянга қайтиб келдим – чиндан ҳам мени сургундан озод этишибди.
2 июль 1985 йилидаги Комсомольск-Амурдаги Марказий район халқ суди ҳукмига Хабаровск ўлкаси суди раиси эътирози бўйича 1988 йил 14 октябрда менинг ишим қайта кўриб чиқилди. Унда айтилишича, ҳали битта жазо муддати тугамасдан, сиёсий машғулотларга қатнашмаганим учун ЖК 188-3 моддасига биноан менга қўшимча яна 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Хабаровск ўлкаси суди президиум Қарорида шундай дейилган (қисқа қилиб келтираман):
Ҳукмни бекор қилиш ва жиноят таркиби йўқлиги сабабли ишни тўхтатиш тўғрисидаги масала қўйилган ва шу сабабдан ишни қараб чиқиб ҳамда Хабаровск ўлкаси прокурорининг хулосасини тинглаб, давлат суди қарор қилади: жиноят таркиби йўқлиги сабабли халқ судининг қарори бекор қилинади…
“Ахлоқ тузатиш қонунчилиги асослари”нинг 19–моддасига биноан, ҳукм қилинган одам зиммасига сиёсий машғулотларга иштирок этишни юклаш қонун билан асосланмаган. Шунинг учун маҳбусни сиёсий машғулотларга қатнамаган деб жазолаш мумкин эмас. Бундай вазиятда Бойкони камерага жойлаштириш ва бошқа жазолар ноқонуний бўлган. Шунинг учун ҳукм бекор қилиниши керак. Жиноят таркиби йўқлиги сабабли иш тўхтатилиши лозим.”
Мен режимни бузмаётганимни билардим. Лагер бошлиқлари ҳам бу ҳақда жуда яхши билардилар.
Хуллас, озод қилиш ҳақидаги хужжатларни менга тақдим этишди. Мен рўйхатдан ўчирилдим. Қишлоқ бошлиқлари билан хайрлашаётганимда, менинг ҳар бир қадамимни назорат қилиб юрган участка нозири келди ва умуман бошқача оҳангда (унинг кеккайган қарашлари бир зумда қаерга ғойиб бўлди экан) деди:
-Бойко, мен эндигина сизнинг қандай одам эканлигингизни тушуна бошладим...
-Энди кеч, жуда кеч...
-Илоҳиёт тўғрисида сизда яна бирор адабиёт борми, жону дилим билан ўқиб чиқардим... – деб, мени тўхтатиб қолди. Эҳтимол, шу тарзда у ўзининг менга ёмон муносабатини бирозгина силлиқламоқчи бўлдими.
Мен унга Муқаддас Китобни ва П. И. Рогозиннинг “Охиратда ҳаёт мавжудми?” номли китобини совға қилдим. Мен илк бор сургунга келганимда, қишлоқдаги менинг ҳаётимни азоб-уқубатга тўлдирмоқчи бўлган нозирни эндиликда таниб бўлмасди. Қутқарилиш йўлини топишда Худонинг Ўзи унга мадад берсин.
Мени марҳаматловчи Меҳрибон Чўпонимнинг қўли остида 1988 йилнинг 13 декабрида мен уйимга, ўз оиламга ва жонажон жамоатимга қайтдим.
Хуллас, асирликдаги муддатим: ҳаммасини қўшганда, мен 45 йилу 10 ойга озодликдан маҳрум этилдим, бунга қўшимча равишда 5 йил яшаш жойимни ўзгартирмаслик ёки тарк этмаслик шарти билан, бироқ жазо муддатини камроқ ўтказдим.
1945 йилнинг 13 декабрида мени РСФСР ЖК 58-1 модда “б” бандига биноан 15 йилга озодликдан маҳрум қилишди. (Концлагерда 3 йилу 10 ой бўлдим. 1945 йилдан 1954 йилгача Воркута лагерларида 8 йилу 9 ой бўлдим).
1968 йилнинг 26 октябрида УССР ЖК 138-модданинг 2-қисми, 209- модданинг 1-қисми бўйича 5 йил сургунда бўлиш шарти билан, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. Жазони тўлиқ ўтадим.
1980 йилнинг 19 декабрида УССР ЖК 138-модданинг 2-қисми, 209-модданинг 1-қисми бўйича 5 йил сургунда бўлиш шарти билан, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим.
1985 йилнинг 2 июлида жазо муддатини охиригача ўтамай, ва озодликка чиқмай, Комсомольс-Амурск шаҳрининг Марказий район суди ҳукмига биноан УССР ЖК 188-3 моддасига кўра яна 2 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. УССР ЖК 41-моддасига биноан шу жазога 1980 йилнинг 19 декабрида ўталмай қолган жазо муддати қўшилди. Ҳаммаси бўлиб 1 йилу 5 ой ва 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ундан кейин яна 5 йил сургун муддатини ўташ белгиланди.
1984 йили сургунга кетишдан олдин мен лагерда 157 суткани карцерларда ва Камерага ўхшаш хоналарда ўтказдим. Бундан ташқари, мени узоқ вақтли учрашувлардан ва бир ой давомида магазинлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишган.
Старт қишлоғидаги лагер карцерларида неча суткалар ўтказганимнинг ҳисобидан ҳам адашиб кетдим. Қолаверса, у ерда жазо муддатини ўтаганимда, 5 йил ичида бирор марта ҳам оила аъзоларим билан учрашувга рухсат беришмаган.
XVIII боб
Оила ва жамоат билан узоқ бўлган айрилиқдан сўнг Худонинг халқи, ҳурматли жамоатлар Кенгаши хизматчилари – Степан Никитович Мисирук, Николай Абрамович Крекер, Одесса бирлашмаси биродарлари ва бошқа жамоатлардан келган меҳмонлар билан учрашиш нақадар қувончли эди. Худога бўлган миннатдорчилигим қалбимни тўлиб-тоширарди. У бизнинг биродарлигимизни азоб-уқубатлар йўлидан олиб ўтади, ғам-ғусса водийсидан ўтиш учун У бизга куч ато этади. Унинг мадад ва ёрдамисиз ўшандай шароитларда имонда қатъий туриш нафақат оғир, балки бунинг имкони ҳам йўқ эди. Биз синовларда фақатгина содиқлигимизни сақлашга эмас, шунингдек, Хушхабарга гувоҳлик бериш учун ҳам даъват этилганмиз. Буюк ҳаворий Павлус шундай дейди: “...Қани энди фаолиятимни тамомлаб, Худонинг иноятидан далолат берувчи Хушхабарга гувоҳлик бермоқ учун Раббим Исодан олган топшириқни ҚУВОНЧ ИЛА БАЖО КЕЛТИРА ОЛСАМ” (Ҳаворийларнинг Фаолияти 20:24).
Ҳақорат қилганлардан хафа бўлиб азоб чекиш ҳадъяни йўқотиш демакдир. “Масиҳ ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармас эди, азоб чекканда эса ҳеч кимга таҳдид қилмас эди...” (1 Бутрус 2:23). Жафокаш Стефан сингари, сенга азоб берувчиларни яхши кўрмасдан туриб ва улар учун ибодат қилмасдан туриб, азоб чекиш, - бу вақтни бекор ўтказиш демакдир.
Агар масиҳий Раббий учун, ҳақиқат, яхши кўрган Масиҳ Жамоати учун ўз жонини фидо қилишга тайёр бўлмаса, шу билан бирга азоб-уқубатлар йўлини у хурсандчилик билан босиб ўта олмайди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: “Ўлимгача содиқ қол...” (Ваҳий 2:10). Ўлимга ҳукмни бизни таъқиб қилувчилар, ҳаттоки Худо ҳам чиқармайди, аксинча, ҳамма ўз-ўзича: “Ҳа, ўлимга маҳкум бўлганимизни ўз вужудимизда сезардик. Бу шунинг учун бўлдики, биз ўзимизга эмас, балки фақат ўликларни тирилтирувчи Худога умид боғлайлик” (2 Коринфликларга 1:9).
Ҳеч бир қўрқувсиз ва ваҳимасиз ҳар дақиқада ўлимга тайёр туришни Худованд қалби гуноҳдан пок инсонларга юборади. Нопок юрак масиҳийни қўрқоқ, мунофиқ, таъқиб этувчиларнинг олдида хушомадгўй қилади. Бундай одам тор йўлда тура олмайди. Ҳақорат қилувчиларнинг ўзлари бундай масиҳийлардан нафратланадилар.
Ибодат орқали мени ва менинг оиламни қўллаб-қувватлаб турган, илтимосномалар орқали бу дунёнинг қаҳр-ғазабини Худонинг инояти туфайли бостирган жамоатга миннатдорчилик билдираман. Учрашув чоғида биродарларимнинг менга билдирган самимий тилаклари мен учун жуда қимматлидир. Қолаверса, мен сақлаб қўйган қуйидаги иккита шеър ҳам мен учун қадрлидир.
Азоб-уқубатлар бўлмаслигини,
Кўз-ёшлар тўкилмаслигини,
Ғам-қайғу чекмасликни,
Қамоқхоналар қурилмаслигини,
Илтижо қилмасман асло.
Токи тана тортмасин
Сибир лагерлари
Азобини.
Илтижо қилмасман асло,
На шараф, ва на шуҳратни,
На заминий ҳузур-ҳаловатни
На узоқ яшашни,
Қонли йўллардаги
На енгилликни,
Ибтидо уммонида,
На тўлқинларнинг пасайишини.
Илтижо қилмасман асло,
Кафолатни ва на гаровни,
Тушунишларини ҳам,
Мен сўрамасман асло.
Масиҳ белгилаб берган
Ягона йўлни –
Шу йўлдан юрган У,
Мен ҳам ундан юргайман.
Қайта тикланса майли,
Ўлим, зулмат ва дўзах.
Аммо Сен мен билансан –
Йўқдир бирор бир тўсиқ.
Торгина йўлакча қанчалар
Километрларни сиғдирган!
Шимолий-шарқий шамоллар
Биродаримизни синаган.
Ҳар бир асир – хирож тўловчи,
Ғамгин инсон.
Доим қувғиндаги биродар
Қатъий ишонган:
“Гар денгиз қирғоғига
Мен кўчиб ўтсам, -
Танҳо, ғамда бўлсам ҳам
Масиҳ жуда яқин!
Гар йўлда туриб олса,
Ёвуз таъқиқлар полки, -
Худо ҳақида гувоҳлик бериш –
Менинг бурч ва қисматим!..
Худога чин содиқлик –
Қолгани Худонинг иродаси:
Темир сим ортида юриш,
Ёки – эркин нафас олиш”.
Адоватнинг ёвуз шунқори
Унинг боши узра айланмиш...
Биродар билан учрашув учун
Раббийга ҳамду санолар бўлсин!
Озодликка чиқишим биланоқ, мени интиқлик билан кутаётган биродарлик жамоатлари аъзоларини бориб кўрдим. Биродарлар учрашишни таклиф қилдилар, чунки узоқ йиллар давомида улар тинмай мен учун ибодатда бўлдилар ва мен соғ-омон қолганим учун биргаликда Худога шукроналар айтишни истадилар.
Кунлар нафақат хурсандчиликда бўлган мулоқотлар билан ўтарди, эҳтиёж сезилганда, мен поклаш ва улуғлаш учун бўлиб ўтаётган муҳим хизматларда иштирок этардим. (Сума шаҳридаги жамоатда мен биродарларнинг илтимосига кўра шундай хизматда ёрдам бердим.)
Қалбимда Узоқ Шарқдаги яна бир қанча жамоатларни бориб кўриш истаги бор эди. Ростов-Донда бўлиб ўтган бутун иттифоқ кенгашдан сўнг, мен жамоатлар Кенгаши хизматчиларининг розилигига таянган ҳолда, олдинига Хабаровскка, кейин эса Комсомольск-Амурга бордим. У ердаги жамоатда баъзи бир қалблар имон келтириш учун хизматчини интиқ бўлиб кутишаётган эди. Менга бундай қилишга ҳеч ким ваколат бермаган, Худонинг ишини ўзбошимчалик билан бажаришдан мен доимо сақланардим. Блоговешенскдаги масъул хизматчига қўнғироқ қилдим. У менга шундай деди: “Имонга киритиш маросимини илтимос, амалга ошираверинг, биз сизга ишонамиз...” Ва мен Худонинг ёрдами билан Масиҳ Жамоатига қўшилиш истагида бўлганларни имонга киритдим. Шунингдек, кичик гурухларда ва жамоатларда Қутлуғ зиёфатни нишонладик.
Сўнгра мен Совет Гаванига йўл олдим. (Бу шаҳарда Худога яқинлашаётган бир аёлни топиб, суҳбатлашишимни илтимос қилишганди.) Мен айтилган манзил бўйича уйни топиб келдим, лекин хонадонда ҳеч ким йўқ экан. Кўчага қайтиб чиқдим, подъезд олдидаги скамейкага ўтириб, ўтиб кетаётганларни кузатдим.
Совет Гавани... Мен бу ердаги лагерда инфаркт бўлганман. Бу ерга бутун мамлакатни босиб ўтиб, бу эса таҳминан 11 минг километр, фарзандларим учрашиш учун келишганди, аммо қонун бўйича белгиланган учрашувга уларни қўйишмади. Бу ерда сиёсий машғулотларга иштирок этишга зўрлаб, бошлиқ ўринбосари мен билан жуда қўпол муомалада бўларди. “Бойко! – деб бақирарди у, столни қаҳр-ғазаб билан муштлаб, - совет ҳукумати кучли! Биз сенинг иродангни эгамиз, ёки қамоқхонада чиритамиз!” Хуллас, мен хотиралар уммонига чўмдим...
Вақт ўтарди, йўловчилар кўз олдимда у ёқдан бу ёққа юришарди, аммо уй томонга ҳеч ким бурилмасди. Ва тўсатдан... Тўсатдан мен ҳозиргина у тўғрида эслаган лагер бошлиғи ўринбосари майор қаршимдан чиқиб қолди. Менга қаттиқ овозда бақириб: “Эсингда бўлсин, Бойко! Сен ҳеч қачон озодликка чиқмайсан!” - деган одам худди шу эди. Майор тобора мен томонга яқинлашиб келарди, мана икки-уч қадам ва у ёнгинамда пайдо бўлди. Уни чақириш менга ноқулай туюлди. Мен ибодат қилдим: “Эй Раббий, у мен томонга ҳеч бўлмаган-да бир қараса эди...”
У нафақат мен томонга боқди, балки мени кўриб қолиб тўхтади ва шошиб қолди...
-Бойко?! Наҳотки бу сиз?!
-Ҳа, Виктор Павлович, бу мен.
-Сиз бу ерга қандай келиб қолдингиз?
-Меҳмонга келдим. Марҳамат, ўтиринг.
У менинг ёнимга скамейкага ўтирди.
-Виктор Павлович, барибир ҳақиқат ғалаба қозонди!
-Ҳа. Сўнгги вақтларда мен сизни жуда ҳам кўп эсладим, Бойко... Сизнинг барча айтган гапларингизни эсладим, сиз эса мен билан жуда ҳам кўп суҳбатлашгансиз. Сиздан илтимос қиламан, мендан хафа бўлманг... Ва албатта, сиздан кечирим сўрайман... Вақт ва вазият шуни талаб қиларди, мени тўғри тушунинг, шундай қилишга мен мажбур эдим...
-Мен ҳеч қачон сиздан хафа бўлмаганман, - дедим мен ҳаяжонланган майорни тинчлантирмоқчи бўлиб. – Лагерда сиз билан суҳбатлашганимизда, сиз бир нарсани тушунишингизни хоҳлардим: менинг ҳаётим ҳам, сизнинг ҳаётингиз ҳам одамларга эмас, фақатгина Худога боғлиқ.
-Сиз озодликка чиққанингиз тўғрисидаги хабарни эшитдим, аммо Одессадан шунча узоқда сиз билан учрашиб қолишим мумкинлигини ҳеч ўйламаган эдим.
-Бу Худонинг иродаси, бундай имкониятни сизга Худонинг Ўзи ҳадя қилди, токи сиз яна бир бор мендан Худонинг борлигини ва абадий ҳаёт мавжудлигини эшитишингиз учун.
-Бойко, сиз йўқлигингизда менга айтган гапларингиз ҳақида жуда ҳам кўп ўйладим. Қандайдир куч борлигини эндигина айта оламан! Яна Кимнингдир мавжудлигини ҳам...
-Виктор Павлович! Кимнингдир мавжудлигини эмас, Худонинг мавжудлигини! Тирик Худонинг мавжудлигини! Қандайдир кучнинг борлигини эмас, Худонинг кучи борлигини! У Худо ва бутун Оламнинг Яратувчиси. Эътибор қилинг-а: биз ўз иродамизга кўра туғилмаймиз, ўз иродамизга кўра ўлмаймиз ҳам. Худо ҳам одамларни, улар Худога ишонадиларми ёки йўқми, Унга ишонишни хоҳлайдиларми ёки хоҳламайдиларми, бизнинг иродамизга кўра қайта тирилтирмайди. Худо барчани қайта тирилтиради ва одамлар бу заминда нима қилганларига қараб туриб, шунга яраша барчага ҳукм чиқаради, зеро Муқаддас Китобда шундай ёзилган.
-Бойко! Сизнинг гапларингизни тинглаш ниҳоятда қизиқарли, бироқ кетишим керак, мен хизматдаги одамман...
-Виктор Павлович, мен яна бир бор қуйидаги гапни сизга айтишим керак: агар сиз тавба қилмасангиз ҳам, барибир Худо олдида жавоб беришингизга тўғри келади, қолаверса, Исо Масиҳни шахсий Қутқарувчингиз сифатида қабул қилмаганлигингиз учун, дўзахга равона бўласиз. Сиз шошиб кетаётган ва мен карцерларда азоб тортган бу лагер эса (мен қўлим билан шу биз ўтирган ердан кўриниб турган зонага ишора қилдим), дўзах билан қиёслаганда – сизга жаннат бўлиб туюлади. Наҳотки сиз абадий машаққатлар диёрига равона бўлмоқчисиз? Эсингиздан чиқарманг: агар тавба қилмасангиз, албатта абадий машаққатлар диёрига равона бўласиз – тавба қилмаган ҳар бир гуноҳкорнинг ўрни ўша ерда. Сиз дўзахни тарк этмоқчи бўласиз ва ерда бутун ҳаётингиз давомида эмаклаб юришга рози бўласиз, бироқ бундай бўлмайди: “одам нимани экса, ўшани ўради”: абадий жазони, ёки абадий ҳаётни. Борадиган йўлингизни бугуннинг ўзидаёқ аниқлаштириб олишингиз керак. Хўп, хайр. Илтимос, Масиҳга юз тутган маҳбус-биродарларимга салом айтиб қўйинг. (Лагерда ҳалигача менга яқин бўлган биродарларим борлигини мен билардим.)
Шу тарзда биз хайрлашдик. Кейинроқ билишимча, Виктор Павловичнинг маҳбусларга бўлган муносабати тубдан ижобий томонга ўзгарибди ва уларга менинг саломимни етказибди.
Олдин ҳам эмас, кейинроқ ҳам эмас, Виктор Павлович билан суҳбатимиз тугаши биланоқ, подъездга бир аёл кирди. Мен кутиб ўтирган аёл айнан шу эканлигини, мен тушундим. Бундай учрашувларни фақатгина Худованд юбориши мумкин! Ва бундай учрашувларнинг ҳар бир дақиқасини У ҳисоблаб чиққан.
Худони қидирувчи бу аёлга мен эътибор қаратдим, Ванино портида яшовчи имонлилар ҳақида унга сўзлаб бердим. Манзилни бериб, уни жамоат йиғилишига таклиф этдим, ўзим эса Ванинога йўл олдим.
Бу ерда биродарлар жамоатимизнинг кичкинагина сингиллар гуруҳида поклаш юзасидан хизматни ўтказдим.
Уйда эса Россиядан Германияга отланган биродарлар мени кутиб ўтиришарди. Улар менинг қайтишим ҳақида ибодат қилиб, эндигина кетишмоқчи бўлганда, уйга мен кириб келдим.
XIX боб
Катта биродарлар билан келишиб, 1991 йилнинг кузида мен Германияга йўл олдим. 50 йил олдин ночор аҳволда эканлигимда мени шу ерда Раббий топган, ва Ўзининг мўъжизавий ҳузур-ҳаловати туфайли мени қутқариб қолган. Айнан ўша ерни зиёрат қилиш учун мен сафарга чиққандим. Бу ерлар мен учун фақатгина тарихан бебаҳо ҳисобланмайди, айнан шу ердан менинг Худога бўлган йўлим бошланган.
Олдинги концлагер хозирда музейга айланган. 50 йил ичида таниб бўлмас даражада ҳамма нарса ўзгариб кетган. Лагернинг атрофида олдин катта-катта чакалакзор ўрмонлар ўсган, на итларнинг акиллаши, на хўрозларнинг қичқириши эшитиларди. Ҳозирда иморатлар қад кўтарган. Ўрмон ўрнида фақатгина уч-тўртта дарахт сақланиб қолган, холос. Музей учун концлагаердаги бир нечта Баракларни олдинги ҳолатда қолдиришган. Тўғри, мен яшаган Барак эса аллақачон бузилиб кетган эди.
Музейнинг экскурсоводи ташриф буюрган меҳмонларга ва саёҳатчиларга маҳбуслар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Гапнинг орасида, мен ҳам шу лагерда қачонлардир жазо муддатини ўтаганимни айтдим.
-Қачон? – шу заҳотиёқ ўз ҳикоясини тўхтатди экскурсовод.
-1941 – 1943 йилларда.
-Сиз тирик қолганмисиз? – деб таажжубланиб сўради экскурсовод қиз. -Айнан ўша йиллари лагерда ўлиш ҳолатлари жуда кўп кузатилган.
-Ўшанда мени ёлғиз Раббий қутқариб қолган ва ҳозирги кунга қадар У мени асраб келмоқда. Шунинг учун ҳам мен Худодан беҳад миннатдорман.
-Сиз ҳозирда қаерда истиқомат қиласиз? – қизиқиб сўради экскурсовод қиз.
-Украинада.
-Эҳ-ҳа, сиз жуда узоқдан ташриф буюрибсиз!
-Мен учун бу жойлар муқаддасдир, - деб ўз ҳикоямни бошладим мен. Мен қисқача қилиб, Худо мени қандай қилиб қутқарганини, “Отажонимиз...” деган сўзлар билан бошланадиган ва рус тилида ёзилган ибодат қоғозчани шу ерда, ўрмонда қандай қилиб топиб олганимни сўзлаб бердим.
Ҳикоямни тинглаб экскурсовод қиз йиғлади.
Германияда мен кўплаб жамоатларда бўлдим. У ерда йиғилишлар одатда бир ярим – икки соат бўлар экан. Раббий менинг ҳаётимда кўрсатган мўъжизалар ҳақида сўзлаб беришни улар илтимос қилганларида, хизмат яна бир – бир ярим соатга чўзилди. Маҳаллий халқ имонлиларнинг диққат-эътиборига ҳайрон қоларди, ҳаттоки кичкина болалар ҳам ўзларини тинч-ҳотиржам тутардилар.
Биродарлар мен ўзим ҳақимда гапириб беришимни илтимос қилиб, мени овоз ёзиш студиясига таклиф қилдилар, аммо бундан ҳеч наф чиқмади. Бўшлиққа гапиришни мен билмасдим, бунга ўрганмаганман ҳам.
Худонинг иродаси билан Швейцариядаги биродарларимни ҳам кўришга муяссар бўлдим. Мен учун қилган ибодатлари, хат орқали қилган мулоқотлари ва оғир дақиқаларда оиламни қўллаб-қувватлаб турганлари учун мен уларга миннатдорчилик билдирдим. Уларнинг самимий қилган ёрдамидан кўнглим беҳад шод бўлди.
-Биродаримиз Николай, сиз қамоқхонада бўлганингизда, бизда сиз учун ибодат қилиш иштиёқи бўлган. Ўшанда биз Худо билан яқинликни ҳис қилганмиз. Энди сиз озодликдасиз, сиз учун биз хурсандмиз, ўзимиз учун эса ҳавотирдамиз. Биз бой - бадавлат ҳаёт кечиряпмиз, шунинг учун ибодат қилишга зарурат йўқ.
-Нега энди зарурат йўқ? Тўкин-сочин ҳаётингизда нобуд бўлмаслик учун ибодат қилинглар ва рўза тутинглар.
Қизиқ иш: менинг номимга худди шундай гаплар билан ва ўзларининг ҳавотирликлари ҳақидаги фикрлар билан менга голландияликлар ҳам мурожаат қилдилар. Мен жамоат биносига кирдим – қадимий катта жамоатхона. Биринчи зинапояга кўтарилдим, бир синглимиз хурсандчиликдан қарсак чалиб юборди:
-Бойко!
-Сиз мени танийсизми? Голландияга мен биринчи бор келишим.
-Биз сиз билан хат ёзишганмиз!
-Бироқ, сиз мени ҳеч кўрмагансизку...
-Нега энди? Бизда сизнинг расмларингиз бор.
-Биродар Бойко! Сиз жисмонан ҳам, руҳан ҳам тириксиз, биз эса – фақат жисмонан, холос. Бизнинг ҳамма нарсамиз бор, бироқ руҳан... биз руҳан қашшоқмиз. Биз учун ибодат қилинг...
Қамоқхонадаги азоб-уқубатларимиз чет элдаги биродарларимизга қандай меҳр-мурувватлар келтирган экан! Бизни қамоқхона ва лагерлардан олиб ўтиб, Худо бизларни поклаган ва Ўзи билан учрашувга тайёрлаган экан, Ғарбдаги имонлилар эса биз учун ибодат қилиб, Худога яқинлашар эдилар.
Уйга қайтиб келгач, мен Хушхабарни тарқатиш борасидаги хизматимни давом эттирдим. Биз кичик гуруҳлар бўлиб чекка қишлоқларга чиқиб кетардик. Хизматни ўтказиб бўлганимиздан кейин, гуруҳ қайтиб кетарди, мен эса қолиб, чин дилдан Масиҳ гувоҳлигини қабул қилганлар билан суҳбатлашардим. Уларнинг уйларига бир неча марталаб борардим.
Қалб Муқаддас Калом таъсирида ўз гуноҳларини ва ҳалокатнинг муқаррарлигини ҳис қилганда, уни тўғри йўлга солиш ниҳоятда муҳимдир. Ўшандай пайтларда қалблар қанчалик чин дилдан тавба қиладилар. Худо ҳақида гувоҳлиб бериб қўйиб, кайтиб кетиш ярамайди. Биз қалбларни йўқотиб қўйишимиз мумкин, шунинг учун уларга Худонинг амрларини бажаришни ўргатишимиз керак, уларга ғамхўрлик қилишимиз лозим.
Ўзимнинг жамоатимдаги қалблар билан улар тавба қилишлари биланоқ суҳбатлашишга интиламан, уларни ўз гуноҳларини беркитмасликларига ишонтираман. Агар одам ўз юрагини Худога топшириб, гуноҳларига тавба қилмаса, шайтон уни осонлик билан гуноҳ ботқоғига қайтаради. Айниқса, ҳозирги пайтда, одамларни турлича фоллар, мунажжимлар башорати, экстрасенслар орқали иблис руҳлари билан мулоқотга киришга ундайдилар. Руҳий кучлар билан боғлиқ бўлган одамлар нафақат тавба қилишлари керак, балки бундай кучлар ёрдамидан воз кечишлари даркор. Одамлар ғайритабиий кучлардан воз кечмасалар, шайтон уларнинг қалбини тарк этмайди ва уларга ёвуз ҳукмини ўтказаверади.
Тавба қилиш ва ёвуз кучлардан воз кечиш Раббийнинг кўз ўнгида ва хизматчининг гувоҳлигида амалга ошади. Воз кечишни эшитиб, шайтон инсон қалбини тарк этади. Тобеъликдан озод бўлган қалбга кечирилганлиги ҳақида Худованд гувоҳлик юборади ва келажакда васвасалар устидан ғалаба қозониш учун куч ато этади.
Пересип жамоатида ҳам руҳий меҳнат етарлича эди. Мен кўпинча имонлиларни уйларига бориб кўрардим ва ибодат уйларида кўплаб суҳбатлар ўтказардим.
Бундан ташқари, кўпинча кечаси ва кундузи менинг уйимга имонлилар тавба қилиш учун, шунингдек, бошқа руҳий эҳтиёжлар билан келишарди. Оккультизм билан боғлиқ бўлганлар учун мен тез-тез рўза тутардим, токи Худо уларнинг қалбини тобеъликдан покласин. Одесса бирлашмасига қарашли бўлган қўшни жамоат хизматчилари хушхабар тарқатилгандан кейин янги ташкил топган гуруҳларда шахсий суҳбатлар ўтказиш учун ва яқиндагина имонга юз тутганларга ёрдам кўрсатиш учун мени таклиф қилишарди. Уларнинг баъзи бирлари бетоб эдилар, аммо тавба қилганларидан сўнг ва улар учун ибодат қилганимиздан кейин, Раббий уларга ҳам руҳан, ҳам жисмонан шифо берарди.
1998 йили Хаджибей қирғоғи кўрфазида масиҳий оромгоҳ фаолият кўрсата бошлади. Биринчи бўлиб 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар, иккинчи бўлиб – ўсмирлар, ва учинчи бўлиб – ёшлар келишди. Хизматчилар болаларга тавба ва эътиқод қилиш нималигини тушунтирдилар, сўнг тавба қилишга даъват этдилар. Биринчи бўлиб болаларнинг энг ёши каттаси чиқди, ундан кейин - иккинчиси, учинчиси..., сўнгра ҳисобдан ҳам адашиб кетдик.
Болалар туда бўлиб тавба қилмасликлари учун, биз тавба қилган биринчи гуруҳ учун ибодат қилишга қарор қилдик. Ибодатимиздан сўнг тавба қилувчилар сони икки баробарга кўпайди, йиғлаётганларни асло тўхтатиб бўлмасди. Болалар ўз гуноҳларини тан олиб, чин дилдан тавба қилардилар. Бундай ҳолат катталар орасида жуда ҳам кам кузатилади. 116 та болалардан 80 таси Раббийни қабул қилдилар! Эртаси куни мен уларга дедим: “Кеча тавба қилганлар қўлини кўтарсин!” – Кўтарилган қўллар сони сон-саноқсиз. “Сизлардан ким абадий ҳаётга эга бўлмоқчи?” – деб савол бердим мен. Жавоб йўқ – жимжитлик. Биз болалар билан тушунтириш ишларини олиб бордик. Болалар қалбларида нима бўлса, ҳаммасини очиб ташлашди. Мен Худонинг марҳаматига ва шу ёшда болаларда Худонинг олдида тавба қилишга шунчалик жиддий интилишлари борлигига ҳайрон қолдим. Биз уларни виждон овозига қулоқ тутишга ва қалбни пок сақлашга даъват этдик.
“Масиҳ энди менинг қалбимда яшамоқда! Мен қутқарилдим ва абадий ҳаётга эгаман”, - деб қувонишарди тавба қилган болалар.
Самовий Отага итоат этиш йўли Масиҳни Гўлготага етаклаб келди, У гуноҳкорларни севиб, Ўз ҳаётини берди, бизни қутқариш учун Ўз Қонини тўкди.
Биз, Унинг издошлари ҳам, Гўлготадан қочиб қутулмаймиз, Масиҳ учун хар биримизнинг ўз хочимиз, ўз азоб-уқубатларимиз ва ғам-қайғуларимиз бўлади. Агар биз хўрланган Масиҳнинг ёнига турсак, бизни ҳам ҳақорат қиладилар, “рим қиличлари” бизнинг ҳам елкамизга санчилади. Аммо Масиҳ бизга далда беради: “Танни ўлдириб, жонни эса ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар...” (Матто 10:28). “Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади” “бизларга эмас, эй Худованд, бизларга эмас, Ўзингнинг исмингга мақтов бергин” (2 Коринфликларга 4:17; Забур 113:9).
Баданда азоб чекишдан олдин ҳар доим буюк руҳий ҳақорат келади. Масиҳ шайтон билан курашишига тўғри келади.
“Масиҳ танада яшаган кунларида Ўзини ўлимдан қутқаришга қодир бўлган Худога зўр фарёд ва кўз ёшлари билан сиғиниб, ялиниб-ёлворди, Худонинг қаршисидаги кучли эҳтироми туфайли Худо уни эшитди” (Ибронийларга 5:7) ва ғолиб чиқди! У танадаги ўлимни бошдан кечирди, аммо руҳий ўлимнинг Унга ҳеч қандай алоқаси бўлмади.
Масиҳ номи учун қамоқхона ва лагерлардан ўтган асирлар тана азоб-уқубатлари олдида иблис қалбга қақшатқич зарба беришини яхши биладилар. Душманлар масиҳийнинг руҳини синдирмоқчи бўлганларида, энг буюк васвасаларни тергов ишлари пайтида бошдан ўтказишларига тўғри келади. Менга бир неча бор қуйидагиларни таклиф қилганлар: “Сени жазога тортмаймиз, Германияга ёки ҳеч бўлмаганда, Америкага кетаман, деб сўз бер...” Руҳда ғалабага эришишимда Худо менга ёрдам берган, шунда танадаги азоб-уқубатлар ҳам мен учун қўрқинчли бўлмаган, чунки мен ҳар доим қаршимда Худовандни кўрганман (Забур 15:9).
Порлоқ абадиятга келгач, Масиҳ учун кам азоб чекканимиздан афсусланишимиз мумкин. Шунинг учун шундай яшашга интилайликки, токи “Худо бизларга Масиҳга ишонишнигина эмас, балки Масиҳ учун азоб чекиш тақдирини ҳам насиб этсин” (Филиппиликларга 1:29).